loader

011. Ҳуд сураси

Маккада нозил бўлган. 123 оятдан иборат.
Ичида Ҳуд қавми қиссаси ҳам келгани учун сура шу ном билан аталган. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу сураи карима Қуръони Каримда ўзидан олдин турган Юнус сурасидан кейин нозил бўлган. Бир вақтда нозил бўлганлари учун ушбу икки суранинг сиёқлари ҳам бир-бирига яқин. Ушбу суралар Ислом даъвати учун энг оғир пайтларда нозил бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга ҳомий бўлиб турган Абу Толиб ва Хадича онамизлар вафот этиб, мушрикларнинг тазйиқлари энг учига чиққан пайтлар эди.
Ислом тарихида «маҳзунлик йили» деган ном ила машҳур давр. Абу Толиб ва Хадича онамиз вафотларини ўзларига қулай фурсат билиб, мушриклар зулмни яна ҳам кучайтирдилар.
Исро ҳодисаси рўй бериб, бу ҳодиса ғайри одатий бўлганидан баъзи иймони заифлар муртад бўлиб диндан чиққан, кофирлар эса, масхара қилиб кулган пайт.
Ислом даъвати умуман тўхтаб қолган, Макка ва унинг атрофидан ҳеч ким Исломга кирмай қўйган маҳаллар.
Оз сонли мусулмонлар ниҳоятда қийин аҳволда қолган, кофирлар эса, яна бир оз ҳаракат қилсак, Исломни йўқ қилиб юборамиз, деб турган нозик палла.
Ана шундай ҳассос даврда нозил бўлган бу сураи каримада ўша даврга хос мавзулар аксини топгандир. Сураи кариманинг аввалида Қуръони Карим ва унинг хусусиятлари ҳақида сўз кетади. Ақида масаласида баҳс юритилади. Кишилар Аллоҳ таолога бўйсунган ҳолларида яшамоқлари зарурлиги ўзига хос услуб билан уқдирилади.
Ундан кейин тарихга мурожаат қилинади. Ўтган умматларнинг қиссалари батафсил баён қилинади. Бу борада Нуҳ алайҳиссалом қиссалари, шунингдек, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб алайҳимуссаломларнинг қиссалари ҳам келтирилади.
Сўнгра ўша зикр қилинган мавзуларга хулоса ясалиб, буларнинг ҳаммаси ибрат учун эканлиги айтилади.
Сураи карима ниҳоятда қийин даврда нозил бўлиб, ниҳоятда саркаш қавмнинг номаъқул кирдикорларини муолажа қилгани учун ҳам баҳс қаттиқ ва муросасиз услубдадир. Қалбларни ларзага солувчи, таҳдидга тўла иборалар бу услубни қўллайди. Қалби қаттиқ қавмга ўзига яраша муомала қилади. Шунинг учун ҳам уни ўқиган ва ўрганган одамга ўзига хос тарзда шиддатли таъсир этади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳуд сурасини ўзларининг муборак сочларини оқартирган суралар қаторига қўшганлар.
Ҳофиз Абу Яъло Икрима розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалладан:
«Сочингизни нима оқартирди?» деб сўраганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сочимни Ҳуд, Воқеа, Амма ятасаъалун ва Изаш-шамсу куввирот суралари оқартирди», деган эканлар».

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Алиф. Лом. Ро. (Ушбу) китоб оятлари маҳкам қилинган, сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан муфассал қилингандир.
Бу сураи карима ҳам алифбо ҳарфларининг учтаси билан бошланмоқда. Бошқа сураларда бу ҳақда кераклигича гапирилгани учун такрорлаб ўтирмаймиз.
Яъни, ушбу зикр қилинганга ўхшаш ҳарфлардан ташкил топган Қуръон сизларга келди. Унинг:
«оятлари маҳкам қилинган».
Яъни, тузилиши пухта, далолат қилиши дақиқ, ҳар бир сўзи чуқур маъноли, ҳамма тарафи бир-бирига муносиб, ҳеч камчилиги йўқдир.
«сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан муфассал қилингандир».
Нимасини батафсил баён қилиш керак бўлса, ўша нарсаси, жумладан, ғоялари, мақсадлари, мавзулари батафсил баён қилингандир. Бундан мақсад:

2. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслигингиз учундир. Албатта, мен сизларга Ундан келган огоҳлантирувчи ва хушхабарчиман.
Яъни, ўша васфга эга бўлган китоб ва унинг оятлари қуйидаги масалаларни ичига олгандир:
«Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслигингиз учундир».
Ундан бошқага бўйинсунмаслик.
Ундан бошқанинг айтганини қилмаслик.
Ундан бошқага эргашмаслик.
Унгагина итоат қилишлик.
Яна бошқа бир масала:
«Албатта, мен сизларга Ундан келган огоҳлантирувчи ва хушхабарчиман».
 Мен У зот томондан сизларга юборилган Пайғамбар бўлиб, вазифам кишиларни куфр ва гуноҳкорликнинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантириш, иймон ва солиҳ амалларнинг оқибати яхши бўлишининг хушхабарини беришдир.
Яна қуйидагиларни етказиш ҳам менинг вазифамдир:

3. Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У зот сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, албатта, мен сизларга улуғ куннинг азоби бўлишидан қўрқаман.
Мусулмон инсон доимо Роббига истиғфор айтмоғи-гуноҳларини мағфират этишини сўраб турмоғи лозим. Шунингдек, у доимо гуноҳларига тавба қилиб, афсус чекиб, уларни қайта такрорламасликка аҳду паймон бериб юрмоғи лозим.
«Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар».
Агар инсон шундай қилса, охиратда фойда бўлишидан ташқари, бу дунёнинг ўзида ҳам катта манфаатларга эришади. Шунинг учун ҳам ояти каримада истиғфор ва тавбага амр этилганидан кейин бевосита:
«(Шунда) У зот сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур», дейилмоқда.
Бу хусусда аввал келган оятлар тафсирида муфассал сўз юритганмиз.
«Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, албатта, мен сизларга улуғ куннинг азоби бўлишидан қўрқаман».
Яъни, қиёмат қоим бўлишини ҳам сизларга эслатиб қўйишим керак. Ким бу дунёда Пайғамбардан, унга нозил бўлган китобдан, Исломдан юз ўгириб кетса, у дунёда-қиёмат кунида азобга дучор бўлиши муқаррарлигини ҳам айтиб қўйишга буюрилганман.

4. Аллоҳнинг Ўзига қайтишингиз бор. У ҳар бир нарсага қодир зотдир.
Нима қилсангиз ҳам, барибир Аллоҳга қайтишингиз, Унга рўбарў бўлишингиз бор. Ўшанда У сизни сўроқ-саволга тутади, бу дунёда қилганингизга яраша мукофот ёки жазо беради. Ундан ва Унинг жазосидан қочиб қутула олмайсиз. Зотан:
«У ҳар бир нарсага қодир зотдир».
«Қуръон» дея номланмиш ушбу китобда ва унинг оятларида мана шунга ўхшаган масалалар муфассал қилингандир. Кишилар жоҳилликларини қўйиб, турли эътиқод ва тартиблардан чекиниб, ушбу китоб таълимотлари асосида яшамоқлари лозимдир.
Юқоридаги оятларда Қуръони Каримнинг нималарни баён қилиши ҳақида гап юритилди. Энди, ўша китоб келганида, баъзи одамлар ўзларини қандай тутишлари ҳақида сўз кетади:

5. Огоҳ бўлингким, албатта, улар Ундан яшириниш учун кўксиларига (бошларини) эгарлар. Огоҳ бўлингким, кийимларига ўралган чоғларида ҳам, У зот нимани сир тутаётганларинию нимани ошкор қилаётганларини билар. Албатта, У қалблардаги бор нарсаларни билгувчи зотдир.
Ушбу оятда жоҳилият аҳлининг қизиқ ва кулгили ҳолатларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга Қуръони Карим оятларини ўқиб бераётганларида, юқорида зикр қилинган ҳақиқатларни етказаётганларида, баъзи мушриклар, мен ҳам шу гапларга дахлдор бўлиб қолмай, дегандек, кўринмасликка уриниб, пусиб, бошини кўксига эгиб, беркинишга ҳаракат қилар эканлар. Оятда уларнинг қилмишлари, Аллоҳдан яширинишга уриниш, деб таърифланмоқда. Ҳақиқатда кулгили ҳол. Қуръон оятлари ўқилаётганида, ўзига қарши ҳужжат бўлиб, фалон жойда оятларини эшитган эдинг-ку, деб қолмасликлари учун, Аллоҳнинг назарига тушиб қолмаслик учун, бошини кўксига эгиб беркиниш ниҳоятда кулгили. Наҳотки, Аллоҳ ўша одамни кўрмай қолса? Йўқ, ундай эмас!
«Огоҳ бўлингким, кийимларига ўралган чоғларида ҳам, У зот нимани сир тутаётганларинию нимани ошкор қилаётганларини билар».
Ушбу жумладаги «кийимларига ўралган чоғларида» иборасини «кечаси жойларига ётиб ўранганларида» деб тушуниш керак. Одам кўздан энг узоқ бўладиган вақт ўша вақтдир. Биров бировни кўра олмайдиган тун қоронғуси. Киши уйда, уйнинг ҳам ухлаш учун ажратилган бир бурчагида. Бунинг устига, ўраниб олган. Дарҳақиқат, уни одам боласи кўра олмайди. Аммо Аллоҳ таоло кўриб туради. Кўрибгина қолмай, балки нимани сир, нимани ошкор тутаётганини ҳам билади.
Чунки:
«Албатта, У қалблардаги бор нарсаларни билгувчи зотдир».
Ана шундай зотдан кўксига калласини эгиб беркинишга уриниш ҳақиқатда ҳам жуда кулгили. Бу ҳол иймонсизларнинг ақлсиз ва фаросатсиз ҳам эканлигидан далолат беради.

6. Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир.
Ер юзида ўрмалаган нарса-одамзот, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлардир. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юргани, тургани, туғилгани ва бошқа ҳолатларини билади. Буларнинг ҳаммаси очиқ-ойдин ва равшан китобда ёзиғлиқ ҳамдир. Ана шундай сифатларга эга бўлган зотдан беркинишга уриниш жуда ҳам кулгили-ку.

7. У сизлардан қайсингизнинг амали яхшироқ эканини синаб кўриш учун олти кунда осмонлару ерни яратди. Ўшанда арши сув устида эди. Агар сен: «Сизлар ўлимдан кейин, албатта, қайта тирилтириласизлар», десанг, куфр келтирганлар, албатта: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас», дерлар.
Бу оятда ҳам Аллоҳ таолонинг таърифи давом этмоқда. Аллоҳ осмонлару ерни олти кунда яратган зотдир. Бу ҳақда ўтган Юнус сураси тафсирида батафсил гапирилган. Ушбу оятда эса, осмонлару ерни яратишдан мақсад одамлардан қайсилари яхшироқ амаллар қилишини синаб кўриш эканлиги таъкидланмоқда.
«У сизлардан қайсингизнинг амали яхшироқ эканини синаб кўриш учун олти кунда осмонлару ерни яратди».
Шунингдек, Аллоҳнинг Арши ва унинг турган жойи ҳақида ҳам маълумот келмоқда:
«Ўшанда Арши сув устида эди».
Демак, Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратган вақтда Унинг Арши сув устида бўлган экан. Шунинг ўзини билишимиз кифоя. Аллоҳнинг Арши бор экан. Ўша пайтда бу Арш сувнинг устида турган экан. Бўлди, бундан бошқаси ортиқча. Бунақа ғайбиётга тегишли масалалар атрофида овора бўлиб, вақт ва ақл-заковотни беҳуда сарфлагандан кўра, кўпроқ яхши амалларни қилиб, синовдан яхши ўтишга уринган маъқул.
Чунки, албатта, ўлимдан кейин тирилиш бор. Ўшанда бу дунёда қилинган амалларнинг сўроқ-саволи бўлади. Ана ўшанда иймону амали солиҳгина фойда беради.
«Агар сен: «Сизлар ўлимдан кейин, албатта, қайта тирилтириласизлар», десанг»,
Ҳа, бу ҳақиқатни кофирларга айтсанг, ишонмай инкор этадилар.
«Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас», дерлар.
Улар қайта тирилишга, охират азобига ишонмаганларидек, бу дунёда азобга дучор бўлишлари мумкинлигига ҳам ишонмайдилар.

8. Агар Биз улардан маълум муддатгача азобни кечиктирсак, албатта, улар: «Уни нима тўхтатиб турибди?» дерлар. Огоҳ бўлингларким, у келган кунда улардан қайтарилмас ва уларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олур.
Қуръони Карим оятларида кофирлар, мушриклар икки дунёда ҳам азобга гирифтор бўлишининг хабари бор. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ҳақиқатни ҳадисларида баён қилганлар. Уларда ўтган умматлар Пайғамбарларини, илоҳий китобларини, диний таълимотларни инкор қилганларида, азобга дучор бўлганлари жуда кўп айтилган. Аммо Ислом келганидан сўнг у охирги дин бўлганлиги учун одамларни оммавий азобга гирифтор қилишни Аллоҳ ирода қилган эмас. Уларнинг баъзиларигагина азоб келиши мумкин. Аммо ёппасига азоб юборилмайди. Буни тушуниб етмаган мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга доимо: «Ваъда қилаётган азобинг қачон келади? Уни нима тўхтатиб турибди?» каби саволларни берардилар.
«Агар Биз улардан маълум муддатгача азобни кечиктирсак, албатта, улар: «Уни нима тўхтатиб турибди?» дерлар».
Уларнинг саволларига жавобан ояти каримада:
«Огоҳ бўлингларким, у келган кунда улардан қайтарилмас ва уларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олур», дейилмоқда.
Яъни, уларга ваъда қилинган азоб ўша кунда ҳеч қайтариб бўлмайдиган бўлиб келади. У кунда кофир ва мушрикларнинг ҳозир истеҳзо қилиб кулаётган нарсалари-аламли азоб бутунлай ўраб олади. У улар учун ҳам куфр ва ширкларига, ҳам истеҳзоларига жазо бўлади. Уларга азоб келмай турганининг, уларни ер юзидан супуриб ташламаганининг яна қандай ҳикматлари борлигини Аллоҳнинг ўзи билади. Бир пайтлар «Азобни нима тўхтатиб турибди?» деб юрганларнинг кўпчилиги кейин яхши мусулмон бўлди. Кўпларининг эса, болалари Исломга кирдилар ва ҳоказо.
Инсоннинг иши қизиқ, нима учун азоб келмаяпти, деб шошилади-ю, аммо салгина озор етса, дод-вой қилади.

9. Агар инсонга Ўз томонимиздан роҳатни тоттириб, сўнгра ундан уни тортиб олсак, албатта, у ноумид ва ношукр бўлур.
Бу васф иймон ва Ислом сифатлари билан тўла сифатланмаган инсоннинг васфи. Агар ундай одамга бирор неъмат бериб туриб, сўнгра олиб қўйилса, тушкунликка тушиб, дод-вой қилади. Ўзини ҳар томонга уради.


10. Агар унга етган қийинчиликлардан сўнг неъмат тоттирсак, албатта: «Мендан ёмонликлар кетди», дейди. Албатта, у хурсанд ва фахрлидир.
Ёки аввалги оятдаги ҳолатнинг аксича бўлса, Аллоҳ ўша инсонга етган зарарни, мусибатни кетказиб, ўрнига неъмат ато қилса, у хурсанд бўлиб, фахрланиб, ёмонликлар мендан кетди, дейди. Ўша инсон, ёмонликларни Аллоҳ кетказди, демайди, балки, ўзи кетди, дейди. Яъни, банда на иссиққа чидайди, на совуққа. Ушбу номаъқул сифат ва ҳолатлардан келаси оятда васф қилинган бандалар фориғдирлар:


11. Магар сабр қилганлар ва яхши амаллар қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор.
Ушбу ояти каримада солиҳ бандаларнинг иккита сифати алоҳида таъкидланмоқда: сабр ва яхши амаллар қилиш.
Сабр доим керак. Яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда-борчилик пайтида ҳам. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилик, тўқчиликка ҳамма ҳам сабр қила олмайди. Аслида эса, банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганида шукр ва яхшилик билан сабр қилиши керак.
Ҳам енгил, ҳам оғир пайтларда:
«яхши амалларни қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор».
Имом  Бухорий ва Имом  Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани қазо қилса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар.
Аммо одамларнинг кўплари бу ҳақиқатларни тушунмайдиганлар, дин йўлига юрмаганлар Пайғамбарлик моҳиятини ҳам англай олмайдилар. Шунинг учун бу ҳақда турли нотўғри тасаввурлар қиладилар. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ноўрин таклифлар ҳам қилишади:


12. Эҳтимол сен уларнинг: «Унга хазина туширилса эди» ёки «У билан бирга фаришта келса эди», деганлари учун ўзингга ваҳий қилинган нарсанинг баъзисини тарк қилмоқчи бўларсан ёки ундан юрагинг сиқилар. Сен огоҳлантирувчисан, холос. Аллоҳнинг Ўзи ҳамма нарсага вакилдир.
Албатта, кофир ва мушриклар қанчалик шаккоклик қилмасинлар, қанчалик таклифлар киритмасинлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътиқодларига зарар етказа олмайдилар. У киши Қуръоннинг баъзисини тарк этмоқчи ҳам бўлмайдилар, ундан юраклари сиқилмайди ҳам. Аммо бу оят у кишига ва у киши орқали барча мўмин-мусулмонларга тасалли, панд-насиҳат бўлиб келмоқда.
«Эҳтимол сен уларнинг: «Унга хазина туширилса эди» ёки «У билан бирга фаришта келса эди», деганлари учун ўзингга ваҳий қилинган нарсанинг баъзисини тарк қилмоқчи бўларсан ёки ундан юрагинг сиқилар».
Яъни, мушриклар қанчалар ёмонлик қилсалар ҳам, сизлар сабр қилинглар, сиқилманглар, демоқда.
Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Сен огоҳлантирувчисан, холос», деб у зотнинг асосий вазифаларини эсга солмоқда. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантириб қўйсалар, бўлди. Шаккок мушрик ва кофирларнинг ишини Аллоҳнинг Ўзи билади.
«Аллоҳнинг Ўзи ҳамма нарсага вакилдир».
Ваколатидаги нарсаларни Ўзи билиб тасарруф қилади. Кофир ва мушриклар билан ҳам Ўзи ҳисоб-китоб қилиб олади.

13. Ёки: «Ўзи тўқиб олди», дерларми? Сен: «Бас, агар ростгўй бўлсаларингиз, Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин.
Иймон бўлмаганидан кейин инсон ҳар нарса дейди. Ақлга, мантиққа тўғри келган-келмаган сўзларни ҳам гапираверади. Мушрикларнинг аввалги оятда келган «Пайғамбарга хазина туширса ёки у билан бирга фаришта ҳам Пайғамбар этиб юборилсагина унга эргашамиз», деган мантиқсиз гаплари етмаганидек, улар:
«Ёки: «Ўзи тўқиб олди», дерларми?»
 Кофирлар: «Қуръонни Пайғамбарнинг ўзи тўқиб олган», ҳам дерлар. Бундан ҳам аччиғинг чиқмасин, хафа бўлма. Хотиржамлик билан:
«Агар ростгўй бўлсаларингиз»
Яъни, менинг Қуръонни тўқиб олганим ҳақидаги гапингиз рост бўлса:
«Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин».
Қани, нима деб жавоб берар эканлар?
Йўқ! Жавоб бера олмайдилар.

14. Агар жавоб бера олмасалар, бас, билингки, у фақатгина Аллоҳнинг илми ила нозил қилингандир. Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Энди мусулмон бўларсизлар?!
Яъни, улар таклифга жавоб бера олмасалар, Қуръонга ўхшаш ўнта сура келтира олмасалар, келтира олмасликлари аниқ, унда:
«билингки, у фақатгина Аллоҳнинг илми ила нозил қилингандир».
Ундан бошқанинг Қуръон нозил қилишга ҳеч илми етмайди.
«Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир».
Жумладан, мушриклар ибодат қилаётган буту санамлар ҳам илоҳ эмасдир. Улар ҳам Қуръон нозил қилишга қодир эмаслар.
«Энди мусулмон бўларсизлар?!»
Чунки ҳеч қандай узрингиз қолмади. Даъволарингиз ботил бўлди.
Аммо улар инсоф қилмадилар. Куфр ва ширкларида давом этдилар. Чунки улар бу дунё ҳаётига ва унинг зебу зийнати, ҳой-ҳаваси, обрў-мансабига ўч эдилар. Шу нарсалардан ажраб қолишдан қўрқдилар.


15. Кимки бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амаллари(самараси)ни тўлиқ берамиз. Улар бунда камситилмаслар.
Аллоҳ таоло ким ҳаракат қилса, у мўмин бўладими, кофир бўладими, ҳаммага ҳам бераверади. Бу дунёнинг ободлиги ҳам шунда. Ким дунёда қўлидан келган ҳаракатни қилса, ҳаракатига яраша самара ҳам олади. Бу дунё ва унинг зийнатига эришишни хоҳлаб, ўзини урган одам ўшанга эришади. Чунки Аллоҳ бу борадаги амалларнинг самарасини тўлиқ беришни ваъда қилган. Қилинган ҳаракатга яраша мева олинади, ҳеч кимнинг меҳнатининг самараси камайтирилмайди. Буни айниқса ҳозир, дунё ва унинг зийнати учун ҳаракат кучайган бир даврда яққол кўриб турибмиз. Кўпчилик фақат дунё учун уриниб, унга эришиб турибди. Аммо:

16. Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди.
Чунки улар охират ҳаёти учун ҳеч нарса қилганлари йўқ. Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ишонгани, ибодат қилгани ва шариатга бўйсунганлари йўқ. Улар фақат бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатига эришишни умид этган ва шунинг учун амал қилган эдилар, орзуларига эришдилар.
«Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир».
Бу дунёда қилган амаллари, молу мулки, зебу зийнати-чи, дерсиз? Бу саволингизга жавоб ояти кариманинг иккинчи ярмида келмоқда:
«Бу дунёда қилган ишлари ҳабата  бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди».
Охират учун улар ҳеч қандай фойда бермади. Чунки иймон бўлмаса, ҳеч бир амал мақбул эмас. Агар улар иймон билан ҳаракат қилганларида, яъни, дунё учун қилган амалларини ҳам иймонли бўлган ҳолда бажарганларида охиратда улуғ мақомларга эришган бўлур эдилар. Қолаверса, охират учун ҳаракат ҳеч қачон бу дунёни тарк қилишни тақозо этмайди. Инсон иймонли бўлса, бир ҳаракат билан бир йўла икки дунёнинг бахтига эришади.
Кейинги оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг дини, Қуръони Карим ҳақ эканлигига далиллар борлиги таъкидланади, шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишига иймон келтирган оз сонли мўминларнинг қалбларида сабот-матонат уйғотишга, кофирларга эса, таҳдид солишга эътибор қаратилади:

17. Ўз Роббидан аниқ ҳужжатга эга бўлган, унга Ўша(Робб)нинг Ўзидан гувоҳ эргашган ва у(гувоҳ)дан олдин Мусонинг китоби Имом  ва раҳмат ҳолида унга (шоҳид) бўлган кишига(куфр келтирилади)ми? Ана ўшалар у(шоҳид)га иймон келтирурлар. Гуруҳлардан ким унга куфр келтирса, унга ваъда қилинган жой жаҳаннамдир. Сен у ҳақда шак-шубҳада бўлма! Албатта, у Роббингдан келган ҳақдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар.
Ояти кариманинг биринчи қисмида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақлигига кўплаб далиллар, ҳужжатлар, гувоҳлар бўлса ҳам, кишиларнинг иймон келтирмай, инкор қилаётганига раддия билдирилмоқда.
«Ўз Роббидан аниқ ҳужжатга эга бўлган»
Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарликлари ўз шахсиларида очиқ-ойдин билингандир, бунда ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ. Бунинг устига, у кишининг Пайғамбарликларини янада кучлироқ тасдиқлаш учун:
«унга ўша(Робб)нинг Ўзидан гувоҳ эргашган»
Яъни, у зотни Пайғамбарликка танлаб олган ўша Роббнинг Ўзи Пайғамбарликларини тасдиқлаш учун гувоҳ сифатида ҳамроҳ қилиб Қуръонни юборгандир.
«ва у(гувоҳ)дан олдин Мусонинг китоби Имом  ва раҳмат ҳолида унга (шоҳид) бўлган кишига»
Яъни, Қуръони Каримдан олдин Мусо алайҳиссаломнинг китоби Таврот ҳам Имом  ва раҳмат бўлган ҳолида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирзамон Пайғамбари бўлишларига гувоҳ бўлган эди. Ана шундай кишига куфр келтирадиларми?!
Оятнинг давомида эса, Қуръонга иймон келтирганлар ва кофир бўлганларнинг баёни келяпти:
«Ана ўшалар у(шоҳид)га иймон келтирурлар».
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминлар Қуръонга иймон келтирадилар.
«Гуруҳлардан ким унга куфр келтирса, унга ваъда қилинган жой жаҳаннамдир».
Қуръонга иймон келтирмасдан жаннатга киришни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмасин. Эй Пайғамбар:
«Сен у ҳақда шак-шубҳада бўлма!»
Албатта, Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон Қуръони Каримнинг ҳақ эканлигига шак-шубҳа қилмаганлар. Аммо бу сўзлар ўша даврдаги оғир ҳолатни енгиллатиш учун айтилмоқда. Чунки у пайтда одамлар Исломга қаршилик қилиб, даъват ишлари юришмай туриб қолган эди. Аллоҳ таоло Пайғамбарига ва оз сонли мўмин бандаларига тасалли бериб, бу ҳолатдан ҳайрон бўлмасликларини уқдирмоқда. Нимага Қуръон иши тўхтаб қолди, деб ўйлама, Аллоҳ хоҳлаган вақтида юришиб кетади. Чунки:
«Албатта, у Роббингдан келган ҳақдир».
Роббдан келган ҳақ эса, юзага чиқмай қолмайди.
«Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар».
Ана ўшалар Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган золимлардир.

18. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар: «Анавилар Роббилари шаънига ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир», дерлар.
Аслини олганда, ёлғон катта гуноҳ. Энди, ўша ёлғон улуғ зотнинг-Аллоҳ таолонинг шаънига айтилса, яна ҳам катта гуноҳ бўлади. Ундай ишни қилган кишилар золимларнинг золими бўлади.
«Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?»
Бундай зулмни қилган одамлар тек қўйилмайди. Албатта, қиёмат кунида:
«Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар: «Анавилар Роббилари шаънига ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир», дерлар».
Қиёмат куни халойиқ маҳшарга тўпланганида, улар ҳамманинг ичида шарманда бўладилар. Гувоҳлар халойиқнинг ичидан уларни алоҳида ажратиб кўрсатадилар, ҳаммаси ошкор этилиб, шарманда бўладилар.
Имом  Бухорий ва Имом  Муслимлар Қатода розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Сафвон ибн Мақриз дерлар: «Ибн Умарнинг қўлидан ушлаб кетаётган эдим. Бир одам йўлни тўсиб чиқди-да:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалладан қиёмат кунида пичирлашиш ҳақида қандай ҳадис эшитдинг?» деб сўради. Ибн Умар:
«У зотнинг шундай деганларини эшитдим», деб жавоб қилдилар: «Аллоҳ азза ва жалла мўминни ўзига яқинлаштириб, уни қўлтиғига олиб, одамлардан тўсиб, гуноҳларига иқрор қилдиради. Унга, манави гуноҳни биласанми? Бунисини-чи? Мана бунисини-чи? дейди. У банда гуноҳларига иқрор бўлиб, ҳалокатга учраганини тан олиб турганида, Аллоҳ таоло, мен у дунёда буларни сатр қилган (беркитган) эдим, энди эса, мағфират қиламан, дейди ва ҳасанотлари китобини беради. Аммо кофир ва мунофиқларга бўлса, бундай дейди: «гувоҳлар: «Анавилар Роббилари шаънига ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир», дерлар».
Ушбу оятдаги «гувоҳлар»дан мурод фаришталар, Пайғамбарлар ва мўминлардир.
Кейинги оятда ўша золимларнинг васфи келади:

19. Улар Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар ва унинг эгри бўлишини хоҳларлар ҳамда охиратга куфр келтирувчи кимсалардир.
Аслида, бандалик бурчи Аллоҳга иймон келтириб, Унинг кўрсатган йўлидан юрмоқлик эди. Аммо булар зулмкор бўлдилар, ўзларининг иймон келтирмаганлари етмаганидек, бошқаларни ҳам:
«Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар ва унинг эгри бўлишини хоҳларлар».
Бу эса, зулм устига зулмдир. Бугунги кофирларнинг иши ҳам худди шу. Одамларни нима қилиб бўлса-да Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Ҳатто улар ўз эгри табиат ва хоҳишлари ила Аллоҳнинг йўли ҳам эгри бўлишини истайдилар.
Шундай иймонсизлик зулмдир, қаерда иймонсизлик бўлса, ўша ерда зулм ҳукм суради.
Шунингдек, иймонсизлик эгриликдир. Қаерда иймонсизлик бўлса, у ерда, албатта, эгрилик бўлади. Чунки:
«улар охиратга куфр келтирувчи кимсалардир».

20. Ана ўшалар ер юзида қочиб қутилувчи бўла олмадилар, уларга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам бўлмади, азоб бир неча баробар қилинур. Улар эшитишга қодир бўла олмадилар ва кўра олмадилар ҳам.
Куфр келтириб, нимага эришдилар? Ҳеч нарса қилолганлари йўқ. Ҳатто:
«ер юзида қочиб қутилувчи бўла олмадилар».
Қочиб қаерга ҳам борар эдилар. Аллоҳ таоло уларни қаерда бўлсалар ҳам, барибир жазолайди.
«уларга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам бўлмади».
Улар Аллоҳга куфр келтириб, Уни ўз ихтиёрлари билан тарк этган эдилар. Аммо Аллоҳдан ўзга ҳеч ким уларга дўст ҳам бўлмади, ёрдам ҳам бермади, ҳимоя ҳам қилмади. Энди эса, қиёматда уларга:
«азоб бир неча баробар қилинур».
Чунки улар бу дунёда яшаган чоғларида бепарво бўлдилар:
«Эшитишга қодир бўла олмадилар ва кўра олмадилар ҳам».
Эшитганда ибрат қулоғи-ла тинглаб, фойда олмадилар. Кўрганда ибрат кўзи-ла кўриб, иймонга келмадилар.

21. Ана ўшалар ўзларига зиён қилганлардир ва тўқиган нарсалари улардан ғойиб бўлди.
Куфр ва ширклари туфайли шунақа ҳолга тушганлар ўзларига зиён қилганлар бўлмай, ким бўлсин?! Улар иймонга, Исломга даъват қилинса, ўзларича юрмадилар. Куфр ва ширкда туриб олдилар. Уларни ҳеч ким кофир бўлишга мажбур қилгани йўқ. Ўзларига ўзлари зиён қилдилар. Охири келиб, тўқиб олган нарсалари ғойиб бўлди-йўқолди. Энди эса:

22. Шак-шубҳасиз, албатта, улар охиратда яна ҳам кўпроқ зиён кўргувчилардир.
Уларнинг зиёнига ҳеч қандай зиённи тенг қилиб бўлмайди. Шундай қилиб, улар икки дунёда зиёнкор бўлдилар. Улар ана шундай аянчли ҳолда турганларида, бошқа томонда тамоман ўзгача манзарани кўрамиз.


23. Албатта, иймон келтирганлар, яхши амаллар қилганлар ва Роббиларига ишонч ила бўйинсунганлар, ана ўшалар, жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.
Иймон, яхши амал қилиш ва Аллоҳга бўйинсуниш бир-биридан ажралмайдиган сифатлардир. Булар ҳақиқий мўмин-мусулмоннинг сифатларидир. Бу сифатларга эга бўлганлар, албатта, жаннатга киритилиб, унда абадий қолурлар.
Аввалда кофирнинг сифатлари, оқибати баён қилинган эди. Энди эса, мўминнинг сифатлари ва оқибати зикр қилинди. Солиштириб кўринг-а, фарқ қанчалик улуғлигини дарҳол сезасиз.

24. Бу икки гуруҳнинг мисоли худди кару кўр ҳамда эшитувчи ва кўрувчига ўхшайдир. Улар бир-бирларига баробар бўла оладиларми? Ибрат олмайсизларми?
Кофир билан мўминнинг орасида ер билан осмонча фарқ бор. Кофир кўр ва кар одамга ўхшайди. Мўмин эса, кўзи, қулоғи бутун, ҳам кўриб, ҳам эшитадиган одам кабидир.
«Улар бир-бирларига баробар бўла оладиларми?»
Албатта, йўқ. Куфри туфайли қалб кўзи кўр, ибрат қулоғи кар бўлиб қолган кофир бу дунёнинг ҳақиқатини кўролмайди, эшитолмайди. Ҳаммаёққа урилиб, туртилиб-суртилиб юради. Иймони сабабли қалб кўзи ва ибрат қулоғи очиқ бўлган мўмин эса, ҳамма нарсани кўриб, эшитиб, яхши йўлни танлаб, тўғри ва шаҳдам юради.
«Ибрат олмайсизларми?!»

25. Албатта, Биз Нуҳни ўз қавмига : «Албатта, мен сизларга очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман,
26. Аллоҳдан ўзгага ҳеч ибодат қилманглар, албатта, мен сизларга аламли кун азоби бўлишидан қўрқаман», дедириб юбордик.
Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини ҳидоят қилиш учун Аллоҳ таоло тарафидан Пайғамбар этиб юборилдилар. У зотнинг вазифаси-огоҳлантириш. Пайғамбарликларининг мазмуни, ғояси-Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмасликка чорлаш. Бу ғояга юрмаганларнинг оқибати эса, аламли кун азоби. У зот ўз вазифаларини адо этиб, қавмни огоҳлантирдилар. Хўш, қавм нима жавоб берди?

27. Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Биз сени ҳам фақат ўзимизга ўхшаган одам эканингни кўряпмиз, сенга ичимиздан эси паст пасткашларимизгина эргашаётганини кўряпмиз, сизларнинг биздан устун фазлингизни кўрмаяпмиз, балки сизларни ёлғончи деб ўйлаяпмиз», дедилар.
Нуҳ алайҳиссаломнинг гапларига қавм номидан уларнинг корчалонлари, оғзи ботир зодагон бошлиқлари жавоб берди. Диққат билан разм солсак, уларнинг жавоблари барча кофир, саркаш қавмларнинг ўзларига келган Пайғамбарларга берган жавобларига ўхшашини кўрамиз:
«Биз сени ҳам фақат ўзимизга ўхшаган одам эканингни кўряпмиз».
Уларнинг фикрича, Пайғамбар одам бўлмаслиги керак. Фаришта бўлса, ишонишлари мумкин эмиш, ёки Пайғамбар  бошқа бир махлуқ бўлиши керак экан. Бунақа гапларни қурайшликлар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганлар.
Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми ўз гапида давом этиб, яна қуйидагиларни айтди:
«Сенга ичимиздан эси паст пасткашларимизгина эргашаётганини кўряпмиз».
Уларнинг фикрича, камбағал кишилар пасткаш ва ақли оз ҳисобланади. Шунинг учун камбағал бўлиб қолган, дейишади. Ўша камбағаллар аралашган ҳар бир ишга хосиятсиз иш деб қарашади. Аслида эса, камбағалларнинг қалбини бойлик, айшу ишрат ва мутакаббирлик бузмагани учун улар илоҳий даъватларга тез жавоб берадилар. Буни бой-зодагонлар тамоман тескари тушунадилар.
«Сизларнинг биздан устун фазлингизни кўрмаяпмиз».
Улар бу борада ҳам ўзларининг нотўғри ўлчовларини ишга соладилар. Уларнинг ўлчовида фазл молу дунё билан белгиланади. Молу дунёси йўқ фазилатсиз ҳисобланади. Пайғамбар ва унга эргашган мўминларнинг моли уларникидан оз бўлганлиги иймонга келмасликларига баҳона бўлади.
«Балки сизларни ёлғончи деб ўйлаяпмиз», дедилар».
Бу туҳматни Нуҳ алайҳиссалом замонларидан бери бошқа Пайғамбарларга ҳам айтиб келмоқдалар.
Қавмининг кофир зодагонларидан бу жавобни эшитгач, Нуҳ алайҳиссалом қалби кенглик ва мулойимлик билан уларга қуйидагиларни айтдилар:

28. У: «Эй қавмим, айтинг-чи, агар мен Роббимдан аниқ ҳужжатга эга бўлган бўлсам ва У менга Ўз ҳузуридан раҳмат берган бўлса-ю, сизга махфий қолган бўлса, уни сизга, агар ёқтирмасангиз ҳам, мажбурлаймизми?!» деди.
Нуҳ алайҳиссалом уларга нисбатан қўпол ибораларни ишлатмадилар. Балки, мулойимлик билан:
«Эй қавмим», дея мурожаат қилдилар ва уларни бир оз ўйлантирадиган гапларни айтдилар.
«айтинг-чи, агар мен Роббимдан аниқ ҳужжатга эга бўлган бўлсам»
Яъни, Пайғамбар эканимнинг тасдиғи учун менда очиқ-ойдин, ишончли ҳужжатим бўлса
«ва У менга Ўз ҳузуридан раҳмат берган бўлса-ю...»
Мени Пайғамбарликка танлаб олиб, раҳмат берган бўлса-ю, бу нарса
«сизга махфий қолган бўлса»
Сиз буни билмай қолган бўлсангиз, бу турган гап, чунки сизда буни билишга ҳам, англашга ҳам қобилият ва тайёргарлик йўқ, унда нима бўлади?
«уни сизга, агар ёқтирмасангиз ҳам, мажбурлаймизми?!»
Ақида бобида мажбурлаш йўқ, қаҳр ва куч ишлатиш ҳам мумкин эмас.

29. Эй қавмим, бу (даъватим) учун сиздан мол сўрамасман. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасида. Мен иймон келтирганларни қувловчи эмасман. Албатта, улар Роббиларига рўбарў бўлувчилардир. Аммо мен сизларнинг жоҳил қавм эканингизни кўрмоқдаман.
Эй қавмим, менинг сиз учун куюнаётганимни ўзингизча ҳар хил тушунманг. Мен сизларнинг иймонли бўлиб, саодатга эришишингизни истайман, холос. Мен:
«бу (даъватим) учун сиздан мол сўрамасман».
Менга дунёнинг кераги йўқ.
«Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасида».
Ажрни Аллоҳ беради, сиз бермайсиз, хавотирланманг. Сенга пасткашларгина эргашаётганини кўряпмиз, деганингиз учун, сизларга ёқиш мақсадида ёки сизларни рози қилиш учун:
«Мен иймон келтирганларни қувловчи эмасман».
Мен учун бой-камбағал барибир, муҳими, иймон келтириш. Ҳамма гап иймонда. Шунингдек, улар мен учун иймон келтирган эмаслар, уларнинг иймон келтиришлари Аллоҳга боғлиқ.
«Албатта, улар Роббиларига рўбарў бўлувчилардир».
Унга рўбарў бўлганда шарманда бўлмайлик, деб иймон келтиришган.
«Аммо мен сизларнинг жоҳил қавм эканингизни кўрмоқдаман».
Қадр-қийматни иймон билан эмас, пул-мол билан ўлчаб юрибсиз. Одамлар албатта Роббиларига рўбарў келишларини англамай, жоҳиллик қилмоқдасиз.

30. Эй қавмим, агар уларни қувсам, ким менга Аллоҳ(азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради? Ўйлаб кўрмайсизларми?»
Агар мен Пайғамбар бўла туриб, мўминларни қувсам, Аллоҳнинг азобига дучор бўламан-ку. Унда ким менга Аллоҳнинг азобидан қутулишга ёрдам беради? Ҳеч ким. Буни ўйлаб кўрмайсизларми?

31. Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», демасман. Ғайбни ҳам билмасман. «Мен фариштаман», демасман. «Кўзингизга ҳақир кўринаётганларга Аллоҳ ҳаргиз яхшилик бермас», демасман. Уларнинг дилларида нима борлигини Аллоҳ яхши биладир. Акс ҳолда, мен, албатта, золимлардан бўлиб қолурман», деди.
Ушбу ояти каримада Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз шахслари ва Пайғамбарликлари хусусиятларини қавмларига қандай васф қилиб берганлари баён қилинмоқда.
«Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», демасман».
Шунинг учун сизга молу дунё ва бойлик бера олмайман. Буни олдиндан билиб қўйинглар.
«Ғайбни ҳам билмасман».
Бу менинг вазифам ҳам эмас. Ғайбни билиш фақат Аллоҳга хос иш.
«Мен фариштаман», демасман».
Мен оддий инсонман.
«Кўзингизга ҳақир кўринаётганларга Аллоҳ ҳаргиз яхшилик бермас», демасман».
Чунки кимга яхшилик беришни, кимга бермасликни Аллоҳнинг Ўзи билади.
«Уларнинг дилларида нима борлигини Аллоҳ яхши биладир».
Мен эса, сиртдан баҳо беравераман.
«Акс ҳолда»
Яъни, мазкур нарсалардан бирортасини даъво қилсам,
«мен, албатта, золимлардан бўлиб қолурман», деди.
Чунки ҳақиқатга қарши чиққан бўламан.
Одатда жоҳил одамлар диндан, Пайғамбарлардан, қолаверса, даъватчилардан ғайри оддий нарсаларни кутадилар. Нуҳ алайҳиссалом ҳаммасини очиқ айтиб қўйишларидан ўрнак олиб, даъватчилар ҳам ҳаммасини очиқ-ойдин айтиб юришлари фойдалидир.
Нуҳ алайҳиссаломнинг мулойимлик билан тушунтиришга айтган бу гапларига беодобларча, қўпол муомала қилинди.

32. Улар: «Эй Нуҳ, батаҳқиқ, сен биз билан тортишдинг, кўп тортишдинг. Энди, агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир», дедилар.
Улар ақлий тортишувга ярамадилар, ожизлик қилдилар. Энди ожизларнинг одатига кўра, андишани йиғиштириб қўйиб, муттаҳамликка ўтдилар. Ваъда қилганинг аламли азобни келтир, деб туриб олдилар.
Нуҳ алайҳиссалом эса, босиқлик билан баён қилдилар.

33. У: «Уни сизларга, агар хоҳласа, фақат Аллоҳгина келтиради ва сизлар қочиб қутулувчи эмассиз.
Мен Пайғамбарман, менинг вазифам Аллоҳнинг хабарини сизга етказиш, огоҳлантириш, холос. Азобни эса, фақат Аллоҳнинг Ўзи, қачон хоҳласа, ўшанда келтиради. У азобни келтирганида, ундан қочиб қутула олмайсиз.

34. Ва агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни истаса, мен насиҳат қилишни хоҳлаганим билан насиҳатим сизларга манфаат бермас. У сизнинг Роббингиздир ва Унга қайтарилурсиз», деди.
Ҳамма иш Аллоҳнинг қўлида, мен сизга азобни келтира олмаганимдек ҳидоят ва залолат хусусида ҳам бир нарса қилиб беролмайман. Мен сизларга ҳидоятни кўзлаб, минг насиҳат қилганим билан Аллоҳ сизни йўлдан оздиришни истаса, ўша истагани бўлади. Менинг насиҳатим сизларга фойда қилмайди. Ҳамма иш Аллоҳдандир.
«У сизнинг Роббингиздир».
Барча ишларингизни Унинг Ўзи бошқаради.
«ва Унга қайтарилурсиз».
Ўшанда бу дунёдаги иймон ва амалингизга қараб жазо ёки мукофот беради.
Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари шу жойга етганида эътибор бирдан мўътариза (киритма) жумла ила Қурайш мушрикларига қаратилади ва орқасидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади. Чунки сиёқ шуни талаб этади:

35. Ёки: «Уни тўқиб олди», дерларми? «Агар уни тўқиб олган бўлсам, жиноятим ўз зиммамда ва мен сиз қилаётган жиноятдан холидирман», деб айт.
Эй Муҳаммад мушриклар Қуръон ҳақида турли туман гапларни, иғво бўҳтонларни гапирар эдилар. Улар яна нима дерлар?
«Ёки: «Уни тўқиб олди», дерларми?»
Яъни, Муҳаммад Қуръонни ўзи тўқиб олган, Қуръон унга Аллоҳдан нозил бўлаётгани йўқ, дерларми?!
Агар улар шундоқ десалар, Сен:
«Агар уни тўқиб олган бўлсам, жиноятим ўз зиммамда ва мен сиз қилаётган жиноятдан холидирман», деб айт».
Яъни, уни тўқиб олиш жиноят эканини, сиз айтмасангиз ҳам, ўзим яхши биламан. Агар тўқиб олган, деган фараз бўлса ҳам, менинг жиноятим ўзим билан, сизга таъсири йўқ. Аммо билиб қўйингларки, туҳмат қилиш ҳам жиноят. Сиз «уни тўқиб олган» деб туҳмат қилмоқдасиз. Мен сизнинг ўша жиноятингиздан покман.
Сўнгра сўз яна Нуҳ алайҳиссалом қиссаларига қайтади:

36. Ва Нуҳга: «Қавмингдан аввал иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин.
37. Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилдик.
Керагича даъват қилинди, тушунтирилди, иймонга келадиганлар келиб бўлди. Қолганлар гап-сўз, насиҳат таъсир қилмайдиганлардир. Энди улар иймон келтирмайдилар. Эй Нуҳ!
«Қавмингдан аввал иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин.
Сен ўз вазифангни бажариб қўйдинг. Улардан сенга зарар етмайди. Улар нима бўлса, бўлдилар. Уларни Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қил. Ўзинг эса:
«Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин».
Кема ясашингни Биз риоямизга оламиз ва Ўзимиз ваҳий орқали ўргатиб турамиз.
«Ҳамда зулм қилганлар тўғрисида менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир».
Иймон келтирмаганлар ўзларига катта зулм қилдилар, улар азобга дучор бўладилар албатта, ҳаммалари ғарқ бўлиб кетадилар. Сен эса, уларни кечириш, азобдан сақлаб қолиш ҳақида Менга сўз очма. Уларнинг куни битган. Энди ҳеч нарсани ўзгартиб бўлмайди.


38. У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизни масхара қилурмиз.
39. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди.
Аллоҳнинг амрини бажо келтириб, Пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом
«кема ясамоқда».
У зот яқинда келадиган тўфондан ўзларининг ва иймон келтирган оз сонли кишиларнинг қутулиб қолишига сабаб бўлгучи кемани ясамоқдалар. Пайғамбар ўлароқ, Аллоҳнинг ваҳийсини қабул қилиб олган шахс ўлароқ, бутун вужуд ила берилиб ясамоқдалар. Бу ҳаракатлари кофир қавмларга кулгили кўринди. У киши кема ясамоқдалар-у:
«Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар».
Кечагина, Пайғамбарман, Аллоҳдан менга ваҳий келди, деб юрган одам бугун нажжорлик қилиб кема ясаши улар учун кулгили эди. Лекин Нуҳ алайҳиссалом бу ишни ўзларича қилаётганлари йўқ. Кема ясаш ҳам Аллоҳнинг ваҳийси ила бўлмоқда. Шунинг учун у зот мутлақо жиддийлик билан ишламоқдалар ва мутлақо мустаҳкам ишонч ила:
«Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизни масхара қиламиз», дедилар.
Чунки у зот Аллоҳдан келган ваҳий орқали ўзларининг қутулиб қолишларини ва масхара қилаётган кофирларнинг ғарқ бўлишларини яхши биладилар. Шунинг учун сўзларининг давомида:
«Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди».
Азоб кимга келади, бизгами, сизгами, ўшанда кўрамиз. Ана ўшанда ҳақиқий масхара қилиш вақти келади.
Мана, ўша вақт ҳам келди:

40. Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У(кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингни ол, магар аввал сўз кетганни (олма) ва иймон келтирганларни ҳам ол», дедик. У билан бирга иймон келтирганлар жуда оз эди.
Бунақа ҳолатларда ҳар-хил гаплар бўлиши аввалги тафсирларимизда айтилган. «Таннур» нима, катталиги қанча, фаввора қандай отилган, кемага нималар чиққану қандай чиққан, қайсиниси олдин чиққану, қайсиниси кейин чиққан ва ҳакозо гаплар кўп. Бунга ўхшаш нарсалар эски пайтда «исроилиёт» деб номланмиш яҳудийларнинг қиссаларидан баъзи китобларимизга ўтиб қолганини муҳаққиқ олимларимиз алоҳида ўрганиб, исбот қилганлар. Бу ишларни тушунган ҳолда улардан иложи борича четланганимиз маъқул. Ишончли бўлмаган хабарга асосиз турли ривоятларга суяниб, гапни кўпайтиришнинг ҳожати йўқ. Қуръони Каримда айтилганининг ўзи етарли. Тарих, жуғрофия илмларига келганда ижтиҳод қилиш эмас, аниқ маълумотлар керак. Қуръони Карим эса, ҳидоят китоб бўлганидан асл эътиборни ибратга қаратган. Мисол учун, ушбу тўфон ҳодисасида бизга таннурнинг катталиги ёки ундан фаввора қандай отилиб чиққанлиги эмас, балки нима учун тўфон бўлиб, оламни босдию бу ҳодисадан қандай ибрат олишимиз кераклиги муҳим. Агар таннурнинг шакли ёки шунга ўхшаш бошқа маълумот биз учун зарур бўлганда Қуръони Каримда зикр қилинган бўларди.
Аллоҳ таоло ушбу оятда тўфон ҳодисасининг бошланишидан хабар бермоқда:
«Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда».
Яъни, тўфон бўлиши ҳақидаги фармонимиз келиб, таннурдан сув отилиб чиқа бошлаган вақтда Нуҳга хитоб қилиб дедик:
«У(кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингни ол, магар аввал сўз кетганни (олма)».
Яъни, маҳлуқотларнинг ҳар туридан бир жуфтдан-бир эркак, бир урғочи (қилиб) ол, дедик. Шунингдек, аҳлинг-оила аъзоларингни ҳам ол. Магар, аҳлингдан олдин олмасликка, ҳалок бўлишига сўз кетиб қолганларини олма, дедик.
Нуҳ алайҳиссалом оиласидан ҳалок бўлишга сўз кетиб қолганлар-хотини билан бир ўғли. Уларни кемага олмасликни амр қилинди.
Шунингдек:
«ва иймон келтирганларни ҳам ол», дедик».
Бундан кейин Аллоҳнинг Ўзи:
«У билан бирга иймон келтирганлар жуда оз эди», деб баён қилмоқда.
Ҳа, Нуҳ алайҳиссалом узоқ вақт-эллик санаси кам минг йил даъват қилишларига қарамай, саркаш қавмнинг озгинасидан бошқаси иймонга келмади. Шу сабаб ила бу тузалмас дардисарларни дунё танасидан бутунлай кесиб ташлаш учун Аллоҳ ҳаммасини ғарқ этишни ирода қилди.

41. Ва у: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Роббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди.
Яъни, Нуҳ алайҳиссалом тўфон бошланганида, ўзлари билан олишлари керак бўлганларга қараб:
«Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур», дедилар.
Кеманинг ҳар бир лаҳзаси Аллоҳнинг риояси ва ҳимояси остида бўлишига ишоратан айтилган гап. Яъни, қўрқманглар, қанчалик катта ва даҳшатли тўфон бўлса ҳам, бу кемага зарар қилмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи уни сақлашни зиммасига олган, демоқдалар.
«Албатта, Роббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди».
Яъни, Аллоҳ кофирларни ғарқ қилиб, бутунлай йўқ қилиб юбораётган бўлса ҳам, У зотнинг мағфират қилувчилик ва раҳмлилик сифатлари барқарор, У бизларни-кемага чиқадиганларни мағфират қилади ва бизга раҳмлилик кўрсатади, дедилар.

42. Ва у (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди.
Тўфон даҳшатли тус олиб келарди. Нуҳ алайҳиссалом ва шериклари нажот кемасига минганларидан сўнг, у кема уларни тоғлардек бўлиб мавж ураётган тўлқинлар устида олиб кета бошлади. Шу пайт Нуҳ алайҳиссалом ўғиллардан бирининг бир четда ажралиб турганини кўрдилар. Даҳшатли тўфондан-да оталик меҳрлари устун келиб:
«бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди».
Аммо оқпадар ўғил, ёшлик ғурури ила жавоб бериб:

43. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Магар кимни раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда ораларини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди.
Кофир бўлгандан кейин қийин экан. Улуғ Пайғамбар бўлмиш отанинг гапини эшитиб туриб ҳам, бостириб келаётган даҳшатли тўфонни кўриб туриб ҳам:
«Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди.
Кофир ўзи ўрганиб қолган тор доирада ўйлайди. Аллоҳнинг амри келганда одатдаги сабаблар иш бермай қўйишини хаёлига ҳам келтира олмайди. Аммо бу ҳақиқатни яхши англаган Нуҳ Пайғамбар алайҳиссалом эса, яна оталик меҳри ила мазкур ҳақиқатни болаларининг қалбига солишга ҳаракат қилиб:
«Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Магар кимни раҳм қилсагина (сақлар)», деди.
Аллоҳнинг азоби келагандан кейин, ҳеч кимни, ҳеч нарса қутқара олмайди. Тоғу тош ҳам, ундан бошқаси ҳам. Кофирларни тўфон балоси ила ҳалок этишга Аллоҳнинг иродаси кетган. Уларни бирортасини ҳам, ҳеч ким, ҳеч нарса қутқара олмайди. Илло, Аллоҳ Ўзи раҳм қилган бандаларини нажот кемасида қутқариб қолишни ҳам ирода қилган. Ота-боланинг гапи шу ерга етганида:
«ораларини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди».
Бошқа кофирларнинг барчасини ғарқ қилганидек, уни ҳам тўфон балоси олиб кетди.
Вақти-соати етиб, тўфон тинчиди. Дунёни сукунат босди.

44. «Эй ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий(тоғи)га жойлашди. Ҳамда «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди.
Ҳаммаси Аллоҳнинг амри ила бўлди.
Тўфон вақтида ўзига заррача сув сингдирмаган замин,
«Эй ер, сувингни ютгин» хитобига биноан ҳамма сувни ютди.
Тўфон вақтида тинмай жала қуйдириб турган само
«эй осмон, ўзингни тутгин» амрига биноан ўзини тутди.
Ундан бир томчи ҳам сув тушмай қолди.
«Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий(тоғи)га жойлашди».
Эски тафсир китобларимизда Жудий тоғи қаерда эканлиги ҳақида турли ривоятлар келтирилган. Лекин, аввал айтилганидек, илмий асосда исбот этилмагандир.
Ҳозир у тоғ бугунги Туркия ҳудудларда экани собит бўлди. Мазкур кеманинг қолдиқлари ҳам топилди.
«Ҳамда «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди».
Одатда, ёқмаган шахс ёки жамоадан қутулганда шунга ўхшаш гап айтилади. Кофирларни тўфон ғарқ қилиб, улардан мўминлар қутулганда шу гап айтилди.
Шу пайт Нуҳ алайҳиссаломнинг оталик меҳрлари яна жўш урди ва:

45. Нуҳ Роббига нидо қилиб: «Роббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди.
Яъни, бу билан Нуҳ алайҳиссалом, эй Роббим, Сен менга аҳлингни қутқараман, деб ваъда берган эдинг, ўғлим аҳлимдан-ку, ўша боламни менга бергин, Ўзинг ҳикмат ила ҳукм чиқаргувчи зотсан, демоқчилар.
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу нидоларига қуйидагича жавоб берди:

46. У зот: «Эй Нуҳ, албатта у  аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло улуғ ҳақиқатни-кишилар орасидаги ҳақиқий боғлиқлик риштаси қон, ирқ, насл билан эмас, балки иймон билан эканлигини баён қилмоқда.
У зот Нуҳ алайҳиссаломга хитоб қилиб:
«Эй Нуҳ, албатта у аҳлингдан эмас», демоқда.
Яъни, у ўғлинг сенинг сулбингдан бўлгани, жигаргўшанг экани билан, аҳлинг эмас. Чунки:
«Албатта, у яхши амал эмасдир».
Яъни, унинг қилган иши яхши эмас. У кофирлик қилди. У кофирлиги билан сенинг аҳлингдан бўла олмайди. Иймони борлар сенинг аҳлинг бўлади.
«Ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани зинҳор сўрамагин».
Ўғлингни аҳлимдан деб қутқаришни сўраганингдек.
«Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан, деди».
Билмаган нарсаларингни сўрайвериб, жоҳиллар қаторига қўшилиб қолмагин, дейман. Мисол учун, юқоридаги саволинг билан инсонлар орасидаги ҳақиқий алоқа иймон алоқаси эканидан, аҳл деганда кимни эътиборга олиш кераклигидан, Аллоҳ Ўз ваъдасини қандай бажарганидан бехабарга-жоҳилга ўхшаб кўриняпсан. Ҳолбуки, Аллоҳ иймонли қалблар ўртасидаги риштани ҳар қандай алоқадан устун қўяди, аҳл деганда, иймонли аҳлни кўзда тутади. Аҳлингни қутказишга ваъда берган бўлса, сенга ҳақиқий аҳл бўлганларни тўфон балосидан халос этиб қўйди.
Нуҳ алайҳиссалом шошилиб Аллоҳдан паноҳ сўради.

47. У: «Роббим, мен ўзимнинг илмим бўлмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тиларман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўлурман», деди.
Ўзини билган одам учун бир оғиз гап кифоя қилади. Нуҳ алайҳиссалом керакли хулосани чиқариб олдилар. Энди юқоридагига ўхшаш саволларни бермасликка қарор қилдилар. Ҳамда Аллоҳ таолодан мағфират ва раҳмат сўрадилар.
Аллоҳ таоло у зотга сўраган нарсаларини берди.

48. «Эй Нуҳ, Биздан Сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга бўлган тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бир оз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни Биздан бўлган аламли азоб тутар», дейилди.
Яъни, сенга ва иймонли умматларга биздан салом-тинчлик ва хайру баракотлар бўлади, кемадан тушиб, истиқомат қилаверинглар. Аммо дунё ҳузурини кўзлаганлар бўлса, уларни бу дунёда истаган нарсалари билан бир оз ҳузурлантирамиз, аммо оқибатда уларни Биз томондан аламли азоб тутади.
Шу билан Нуҳ Пайғамбар алайҳиссаломнинг қиссалари тугайди ва келаси оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади:

49. Ана шу ғайб хабарларини сенга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам. Бас, сабр қил, албатта, оқибат тақводорларникидир.
Нуҳ алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари аллақачон ўтиб кетган. Уларнинг хабарини Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, у кишининг қавмлари, Арабистон аҳолиси ҳам билмас эдилар.
«Ана шу ғайб хабарларини сенга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам».
Мана энди, ана шу одамларга ваҳий йўли билан номаълум нарсаларнинг хабари-Нуҳ алайҳиссалом ва у зотнинг қавмлари хабари келди.
Дину диёнат, иймон-эътиқод иши қадимдан шундай қийинчилик билан кўчган. Нуҳ алайҳиссалом тўққиз юз эллик йил даъват қилгандан сўнг озгина киши, баъзи ривоятларда айтилишича, ўн икки киши иймон келтирган, холос. Ҳаттоки, у кишининг ўғиллари ҳам иймон келтирмаган. Шунинг учун:
«Бас, сабр қил, албатта, оқибат тақводорларникидир».
Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, сабр қил, сен энди ўн йил даъват қилдинг. Даъват иши юришмай қолганига сиқилма, оқибатда тақво қилувчилар нажотга эришиши муқаррардир. Нуҳ Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирганлар ниҳоятда оз бўлишларига қарамай, узоқ вақт сабр қилдилар ва оқибатда нажотга эришдилар. Тақво қилмаганлар, кофирлар эса, қанчалик кўп бўлмасинлар, ҳалок бўлдилар.
Эндиги оятларда Аллоҳнинг яна бир Пайғамбари Ҳуд алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари Од ҳақидаги қисса келади:

50. Ва Одга ўз биродарлари Ҳудни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Сизлар фақат тўқиб олувчиларсиз, холос».
Од қавми Арабистон ярим оролининг жанубида қумтепаликлар орасида яшаган, замонасида куч-қувват ва обрў-эътиборга эга бўлган қабила эди. Ҳуд алайҳиссалом ўша қабиладан бўлиб, улар билан қони, ирқи, насл-насаблари бир эди. Вақти-соати келиб, худди Нуҳ алайҳиссаломни Аллоҳ таоло қавмларига Пайғамбар қилиб юборганидек, Ҳуд алайҳиссаломни ҳам қавмларига Пайғамбар қилиб юборди.
«Ва Одга ўз биродарлари Ҳудни (юбордик)».
Шунда у зот алайҳиссалом:
«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир», дедилар.
Бу гапларнинг Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларига айтган гапларга ўхшашига эътибор берайлик. Шунингдек, кейинги Пайғамбарларнинг гапи ҳам худди шундай бўлади. Чунки уларнинг ҳаммалари битта зот-Аллоҳ таоло томонидан бандаларга бир шиор-«Ла илаҳа иллаллоҳ» ила юборилгандир. Ҳамма Пайғамбарлар Аллоҳнинг тавҳидига даъват қилиб келгандир. Ана ўша Пайғамбарлар силсиласининг бир ҳалқаси бўлмиш Ҳуд алайҳиссалом ҳам қавмларини ёлғиз Аллоҳнинг ибодатига даъват қилиб, улар учун ўша Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот-илоҳ йўқлигини баён қилмоқдалар.
Шу билан бирга, қавмни ўзига танитиб:
«Сизлар фақат тўқиб олувчиларсиз, холос», деди.
Яъни, сизлар ибодатга сазовор зотга-Аллоҳга ибодат қилмасдан, ўзингизча сиғинишга худолар тўқиб оласиз, дедилар. Яна у киши сўзларида давом этиб:

51. Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр сўрамайман. Менинг ажрим фақат мени яратган зотнинг зиммасидадир. Ақл юритмайсизларми?
Бу сўзлар ҳам Нуҳ алайҳиссаломнинг гапига ўхшайди. Чунки барча жоҳилиятларнинг аҳллари дину диёнатга, иймон-эътиқодга даъват этаётган одамни мол-дунё учун қиляпти деб ўйлайладилар. Ҳуд алайҳиссалом ҳам қавмларининг бу гумонларини рад этиш учун юқоридаги гапларни айтдилар. Ҳамда яна:

52. Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади ва қувватингизга қувватни зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди.
Мўмин-мусулмон инсон доимо истиғфор айтиб-Аллоҳдан гуноҳларини мағфират қилишини сўраб ва қилган гуноҳларидан қайтиб-тавба қилиб туриши зарурлигини ҳамма Пайғамбарлар таъкидлаганлар. Бундан олдин Нуҳ алайҳиссалом ҳам таъкидлаган эдилар. Энди Ҳуд алайҳиссалом ҳам таъкидламоқдалар:
«Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг»,
Ҳуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога иғлос ила истиғфор айтишнинг ва ихлос ила тавба қилишнинг ҳаёти дунёдаги, тириклик чоғидаёқ етадиган улкан фойдасини ҳам зикр қилмоқдалар:
«Шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади».
Яъни, истиғфор айтиб, тавба қилсангиз, Аллоҳ сизни қурғоқчилик балосидан халос этади ва юртингизга барака ёмғирини ёғдиради. Ёмғир ҳам турлича бўлади. Баъзилари фойдали. Баъзилари бало-офат. Баъзилари баракотли. Истиғфор айтиб, тавба қилганларга Аллоҳ таоло айнан барака ёмғирини ёғдирар экан.
«ва қувватингизга қувватни зиёда қилади».
Аввал айтиб ўтилганидек, Од қавми куч-қуввати ила ном чиқарган қабила эди. Истиғфор айтиб, тавба қилсалар, қувватларига қувват зиёда бўлиши ваъда қилинмоқда.
Истиғфор ва тавбанинг фойдалари ҳақида бошқа оятларда ҳам гапирилган. Шунингдек, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалладан ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Ўшандай ҳадислардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир ғамдан кушойиш, ҳар бир тангликдан кенглик беради ва ўзи ўйламайдиган томондан ризқлантиради», деганлар.
«Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди».
Иймон келтирмасангиз, жиноят қилган бўласиз, жиноятчи ҳолингизда юз ўгириб кетган бўласиз.
Ҳуд алайҳиссаломнинг бу даъватларига Од қавми саркашлик қилиб, қўполлик билан салбий жавоб берди:

53. Улар: «Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун худоларимизни тарк қилувчи эмасмиз ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз.
54. Биз фақат, сени баъзи худоларимиз ёмонлик ила урибди, деймиз, холос», дедилар. У: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ қиламан ва сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен шерик келтираётганингиздан покман.
55. Ундан ўзга. Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат берманглар.
Ҳуд алайҳиссалом мўъжиза келтирмаганга ўхшайдилар, шунинг учун ҳам Од қавми таъна қилиб:
«Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг»,
шу туфайли биз сенинг Пайғамбарлигинга ишонмаймиз ва айтган сўзларингни қабул қилмаймиз, демоқда.
«Биз сенинг гапинг учун худоларимизни тарк қилувчи эмасмиз» ва сенинг илоҳинга сиғинувчи эмасмиз.
«ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз».
Сенинг ҳақингда, қилаётган ишингга, айтаётган гапингга қараб бир фикрга келдик. У ҳам бўлса:
«Биз фақат, сени баъзи худоларимиз ёмонлик ила урибди, деймиз, холос», дедилар.
Яъни, жинни бўлибсан, деган сўзни бошқачароқ қилиб айтишди. Улардаги руҳий ва маънавий бузуқлик шу даражага бориб етган экан. Ўзларига Пайғамбар бўлиб келган зотни жиннига чиқариб, алаҳсираб ҳар хил гапиряпти, демоқдалар. Ҳуд алайҳиссаломнинг гапларида ҳеч алаҳсираш аломати, жиннилик белгиси йўқ эди. У кишининг ҳар бир сўзлари пурҳикмат эди. Олий маъноларни, ўша қавмни бахт-саодатга етаклайдиган кўрсатмаларни ичига олган эди.
У қавм бундай гапларни айтиб турганида, Ҳуд алайҳиссаломнинг ҳам қаттиқроқ гапиришдан, уларни ожиз қолдиришга уринишдан ўзга чоралари қолмади:
«Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ қиламан».
Менинг Пайғамбарлигимга Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ. Мен Худонинг Ўзига солдим. Агар ёлғончи бўлсам, мени жазолайди. Сиз гуноҳкор бўлсангиз, унда сизни жазолайди. Лекин ҳозир орани очиқ қилиб олайлик, мен сизларга бир ҳақиқатни айтиб қўяй:
«сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен шерик келтираётганингиздан покман. Ундан ўзга».
Яъни, Аллоҳга У зотдан ўзга нарсаларни шерик келтиришингизга менинг дахлим йўқ. Мен ширкка қарши курашиб, сизларни тавҳидга даъват қилиш учун Пайғамбар бўлиб келган эдим. Сизлар менинг даъватимни қабул қилмай, мушриклигингизча қолдингиз. Энди сизлар билан орамиз узилди. Агар мен сизларнинг насабингиздан, ирқингиздан, қабилангиздан бўлсам ҳам, орамизда алоқа қолмади. Чунки асосий алоқа риштаси бўлмиш иймонни сизлар тутмадингиз. Энди биз бошқа-бошқа оламлармиз. Сизлар-кофир мушриклар, мен-мўмин-муваҳҳидман.
«Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат берманглар.
Бу ҳам Аллоҳга иймони комил инсоннинг ишонч ила айтган гапларидир.
Ўзлари ёлғиз бўла туриб, қаршиларидаги душманга-қуввати, шиддати билан донг таратган бутун бошли бир халққа бу гапларни айтиш осон эмас.
Аммо Ҳуд алайҳиссалом ҳақ йўлда эканликларини бутун вужудлари билан англаб етган Пайғамбар эдилар. Аллоҳнинг хоҳишисиз у кишига ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаслигини яхши билардилар.
Ҳуд алайҳиссалом яна сўзларида давом этдилар:

56. Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим. Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир. Албатта, Роббим тўғри йўлдадир.
Шунинг учун ҳам:
«Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим».
Фақат Унгагина суяндим. Ундан ўзга таваккал қиладиган зот йўқ.
«Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир».
Ана шунинг учун ҳам мен сиздан эмас, ўша қудратли, ғолиб ва қаҳрли Аллоҳдан қўрқаман ва Унгагина суянаман.
«Албатта, Роббим тўғри йўлдадир».
Мен Роббимнинг йўлига юрганман ва Унинг ёрдами ила мақсадга етишимда шубҳа йўқдир. Сиздан заррача қўрқмаслигимнинг боиси ҳам шунда.

57. Агар юз ўгириб кетсангиз, батаҳқиқ, мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим. Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради ва сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз. Албатта, Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчи зотдир», деди.
Яъни, агар сиз мендан юз ўгириб кетмоқчи бўлсангиз, бемалол кетаверинг, менинг қўрқадиган ёки мулоҳаза қиладиган жойим йўқ.
«...батаҳқиқ, мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим».
Аллоҳ таоло менга Пайғамбари сифатида нимани топширган бўлса, ўшани бажардим. Вазифамни шараф ила адо этдим. Энди У зотнинг Ўзи сиз билан ҳисоб-китоб қилиб олади. Агар хоҳласа:
«Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради».
Сиз куфрингиз, бебошлигингиз ила азобга ҳақли бўлдингиз. Шунинг учун У сизни хоҳлаган вақтида ҳалок қилиб, йўқотиб ташлаб, ўрнингизга ўзига иймон келтирадиган, тақво қиладиган бир қавмни келтириши ҳеч гап эмас. Агар шундай қилса:
«...сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз».
Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Чунки сиз ожиз бир бандасиз.
«Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилувчи зотдир», деди.
Сиз Ундан қочиб қутула олмайсиз. Биз мўминларни ва динни Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилиб олади.
Энди мунозара иши тугаб, белгиланган вақт келди.

58. Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик.
Ваъда қилинган азобни юбориб Од қавмини ҳалок қилишга амримиз келганида, Пайғамбаримиз  Ҳуд алайҳиссаломни ва у билан бирга иймон келтирган мўминларни истисно тариқасида бу азобдан қутқариб қолдик. Қутқарганда ҳам, қаттиқ азобдан қутқардик.

59. Анави Оддир. Улар Роббилари оятларини инкор қилдилар. Унинг Пайғамбарларига осий бўлдилар. Ҳар хил жабрчи ва қайсарнинг ишига эргашдилар.
Ҳалок бўлиб, қаттиқ азобга учраб, ҳаммага ибрат бўлган анавилар Од қабиласидир.
«Улар Роббилари оятларини инкор қилдилар».
Шунинг учун ҳам ҳалок бўлдилар.
«Унинг Пайғамбарларига осий бўлдилар».
Аслида, улар битта Пайғамбар Ҳуд алайҳиссаломга исён қилдилар. Лекин Пайғамбарлар силсиласи битта бўлгани, улар ҳаммаси ёлғиз Аллоҳ томонидан юборилиб, тавҳидга чақирганлари учун, вазифа-мақсадлари бир экани, бир-бирларини тасдиқлаб келганлари учун уларнинг биттасига осийлик қилган барчасига осий бўлади. Пайғамбарларга осий бўлганлар эса, ҳалокатга учрайди.
Одликлар мазкур осийликлари устига яна:
«Ҳар хил жабрчи ва қайсарнинг ишига эргашдилар».
Од қавмининг айбларидан бири-улар ҳаётларида Аллоҳнинг йўлига эмас, устиларида иш юритган турли золим ва саркашларнинг ҳукмига эргашдилар. Шунинг учун ҳам бу дунёда барчалари қаттиқ оммавий азобга дучор бўлдилар.

60. Ва уларга бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат эргашур. Огоҳ бўлингким, албатта, одликлар Роббиларига куфр келтирган эдилар. Огоҳ бўлингким, Ҳуд қавми Од йўқолсин-е!
Од қавми Аллоҳнинг йўлига юрмай, ҳар хил золим ва саркашларга эргашганлари учун уларга бу дунёю охиратда лаънат айтилади. Ҳа,
«Ва уларга бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат эргашур».
Эй одамлар, огоҳ бўлинглар, ибрат олинглар:
«албатта, Одликлар Роббиларига куфр келтирган эдилар».
Шунинг учун қаттиқ азобга гирифтор бўлдилар ва уларга икки дунёда лаънат эргашди. Ким уларга ўхшаб Роббига куфр келтирса, унга ҳам қаттиқ азоб келади ва икки дунёда ортидан лаънат эргашади.
«Огоҳ бўлингким, Ҳуд қавми Од йўқолсин-е!»
Бехосият бу қавм узоқроқ бўлишини тилаб дуо қилинмоқда. Огоҳ бўлинг, яна сизга ҳам шунга ўхшаш дуо бўлиб турмасин.
Шу билан, Од қиссаси ҳам тамом бўлди. Бу қиссада оғир пайтларни бошларидан кечириб турган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот билан бирга бўлган оз сонли мусулмонларга қанчадан-қанча тасалли, кўнгил кўтаришлар бор.
Бу қиссада иймон йўлига юрмай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳргар, жинни деб турган Қурайш ашрофларию уларга эргашаётган мушриклар учун қанчадан-қанча таҳдид ва огоҳлантиришлар бор.
Шунингдек, бу қиссада ҳар бир инсон учун қанчадан-қанча ибрат ва ваъзу насиҳатлар бор. Агар ўқувчи даъватчи бўлса, Ҳуд алайҳиссаломдан ўрнак олади. Оддий мўмин бўлса, иймони ила фахрланади ва ҳақиқат ўзи томонда эканига ишонч ҳосил қилади. Агар ўқувчи кофир бўлса, кўзи очилиб, иймонга келади.
Албатта, қиссадаги ҳар бир тасарруф, жумла ёки калимадан не-не ибратлар олиш мумкин. Муфассирларимиз бу қиссага тафсирларида кўплаб саҳифаларни бағишлаганлар. Биз ҳам бирорта ибратимизни қайд этайлик.
Эътибор берган бўлсангиз, бошқа Пайғамбарлар қатори Ҳуд алайҳиссалом ҳам қавмларига дастлаб келганларида «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг», дедилар. Бу гапни ҳамма Пайғамбарлар, жумладан, бизнинг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айтганлар. Ҳозир одамлардан, жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматман, деб юрганлардан «Аллоҳга ибодат қилиш»нинг маъносини сўрасангиз, «намоз ўқиш» деган жавобни беришади. Яна нима, деб сўрасангиз, рўза, закот, ҳаж, зикр, тиловоти Қуръон ва бошқаларни қўшиши мумкин. Бу «ибодат» деган сўзнинг маъносини жуда ҳам тор олишдир. Аслида эса, «ибодат»нинг маъноси шомил бўлиб, Аллоҳга бутунлай бўйсуниш, Унинг таълимотларига эргашиш ва ўзини Унинг олдида хор тутиш маъноларини билдиради. Зотан, «ибодат» сўзи «абада» феълидан олинган бўлиб, қул бўлди, банда бўлди, маъносини ҳам англатади. Арабларда қул «абд» дейилади. «Абдуллоҳ» дегани Аллоҳнинг қули, бандаси, дегани эканини ҳамма билади. Одатда, қул ўз хўжасининг мулки бўлади. Унинг ихтиёри хўжасининг қўлида бўлади. У фақат хўжасининг айтганини қилиши керак бўлади. Унинг розилигини топиш учун айтганини қилади, чизган чизиғидан чиқмайди. Йўқса, жазога тортилади. Шундай бўлгач, Аллоҳнинг бандасиман, деган одам ҳам бутун борлиғи ила ўзини Аллоҳга топшириши, фақат Унинг айтганини қилиб, чизган чизиғидан юриши керак. Ана шундагина Аллоҳнинг қули-абди, яъни, бандаси бўлади ва Унга ибодат қилган ҳисобланади. Намозни ўқиб бўлиб, Аллоҳнинг ибодати тугади, энди фалончининг айтганини қилай, дейиш мўминнинг иши эмас. Ҳар бир амални Аллоҳнинг айтганига мослаб қилиш мўмин-мусулмоннинг бурчидир. Бўлмаса, гуноҳкор бўлади.
Шунинг учун ҳам Ҳуд алайҳиссалом дастлаб келганларида: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг», деган бўлсалар ҳам, Од қавми қулоқ осмай, ҳалокатга қараб кетгани айтилмоқда:
«Ҳар хил жабрчи ва қайсарнинг ишига эргашдилар», дейилмоқда.
Ҳар хил жабрчи ва қайсарга сажда қилди, назр атади ёки бошқа нарса қилди, дейилаётгани йўқ. Балки айнан, «эргашдилар», дейилмоқда. Ушбу ҳақиқатни аввалгилар яхши тушунганлар. Биз ҳам тушунмоғимиз керак.
Эндиги оятларда эса, Солиҳ алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари Самуд қиссаси келади:

61. Ва Самудга биродарлари Солиҳни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди. Бас, Унга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим яқин ва ижобат қилгувчидир», деди.
Оятдан кўриб турибмизки, Солиҳ алайҳиссалом ҳам Пайғамбар бўлиб келиб, қавмларига ўзларидан олдинги Пайғамбарларнинг гапларини айтганлар:
«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ».
Нуҳ алайҳиссалом ҳам, Ҳуд алайҳиссалом ҳам шу гапни айтган эдилар. Солиҳ алайҳиссалом ҳам худди шу гапни айтмоқдалар. У кишидан кейин келганлар ҳам айтадилар бу гапларни. Ва ниҳоят, бу гапларни Пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айтадилар. Чунки Пайғамбарларнинг ҳаммаси ягона Аллоҳдан келган, Аллоҳнинг эса битта дини бор-Ислом.
«У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди».
Эй қавмим, Аллоҳ сизларни аввал-бошда ер жинсидан яратди. Сўнгра ўша ерни обод қилишингиз учун сизни унда қолдирди.
Демак, инсоннинг ер юзидаги вазифаларидан бири уни обод қилишдир.
«Бас, Унга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг».
Бу сўзларни ҳам барча Пайғамбарлар айтганлар.
«Албатта, Роббим яқин ва ижобат қилгувчидир».
У истиғфор ва тавбангизни яқиндан туриб эшитади ва билади ҳамда тезда қабул қилади.
Солиҳ алайҳиссаломнинг бу гапларига қавмлари қуйидаги жавобни бердилар:

62. Улар: «Эй Солиҳ, бундан олдин сен ичимизда орзу қилинган эдинг. Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми? Албатта, биз сен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳадамиз», дедилар.
Бу ҳам одатдаги ҳол. Бошқа қавмларга ўхшаб Самуд қавми ҳам, ўзларининг ичларидан чиққан Пайғамбарга, у даъват қилаётган динга шак-шубҳа билан қарамоқдалар. Шу билан бирга, улар Солиҳ алайҳиссаломнинг аввалги ҳолларини эътироф қилмоқдалар:
«Эй Солиҳ, бундан олдин сен ичимизда орзу қилинган эдинг».
Яъни, фазилатларинг учун, ақлинг, илминг, ростгўйлигинг, ҳусни хулқинг, омонатдорлигинг учун ҳаммамиз сенга ҳавас қилар, сендек бўлишни орзу этар эдик.
«Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми?»
Бу ҳам барча жоҳил қавмларнинг баҳонаси. Ота-бобоси ибодат қилган нарсага ибодат қилишни рўкач қилиб, Аллоҳнинг юборган Пайғамбарини инкор қиладилар. Ота-боболари ибодак қилган нарса ҳақми, ноҳақми-уларга барибир. Ота-бобоси ибодат қилган бўлса, бўлди. Ўзларича ақл ишлатиб кўрмайдилар. Самуд қавми илгари ўзлари ҳавас қилиб юрган одам Пайғамбар бўлиб келиб, Аллоҳнинг амрини етказса ҳам, ота-боболарининг амалини ташлашни эп кўрмасликни баҳона қилиб, Аллоҳнинг динини инкор қиляптилар. Улар Пайғамбарлари Солиҳ алайҳиссаломга:
«Албатта, биз сен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳадамиз», дедилар».
Ноҳаққа ўзини урганлар ҳақдан ажабланадилар. Ҳақ ҳақида шак-шубҳага тушадилар. Инсон табиати бузилганда шундай бўлади.
Бир неча асрлар ўтиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги Пайғамбар бўлиб келганларида ҳам, Қурайш мушриклари у зотга шунга ўхшаш гап айтишди.
Нобакор қавмнинг бу раддиясидан сўнг Солиҳ алайҳиссалом уларга босиқлик билан ҳақиқатни тушунтиришга уриниб кўрдилар:

63. У: «Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Роббим томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам ва менга У томонидан раҳмат берилган бўлса-ю, мен Унга осий бўлсам, ким менга Аллоҳ(азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради?! Бас, сиз менга зиёндан ўзгани зиёда қилмассизлар.
Илгари Нуҳ алайҳиссалом ҳам шу гапларни айтган эдилар.
Сизлар мен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳа қилмоғингиз ҳеч нарсани ҳал этмайди. Сиз ҳар хил нарсада шак-шубҳа қилишингиз мумкин. Лекин дунёнинг ишлари, хусусан Пайғамбарлик, динга даъват қилиш, сизнинг хоҳишингиз ёки шак-шубҳа қилишингизга боғлиқ эмас!
«Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Роббим томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам»
Бу очиқ-ойдин ҳужжат У кўрсатган йўл эканини ростмона кўрсатиб турса
«ва менга У томонидан раҳмат берилган бўлса-ю»
У зот, яъни, Аллоҳ таоло Ўз томонидан менга Пайғамбарликни берган бўлса-ю,
«...мен Унга осий бўлсам...»
Унинг айтганини бажармасдан, бошқача амал қилсам, албатта, Унинг азобига дучор бўламан. Ўша азобга дучор бўлган пайтимда
«ким менга Аллоҳ(азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради?!»
Сизми? Йўқ! Сиз ёрдам беролмайсиз. Сиз фақат зарар берасиз.
«Бас, сиз менга зиёндан ўзгани зиёда қилмассизлар», деди.
Кўр-кўрона, ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз, ўзларича ота-бобосидан қолган бидъат-хурофотларга ёпишиб олган мушриклардан зиёндан ўзга нима ҳам кутиш мумкин!

64. Эй қавмим, Аллоҳнинг мана бу туяси сизга оят-мўъжизадир. Бас, уни тек қўйинглар, Аллоҳнинг ерида еб юрсин, унга ёмонлик етказманглар, акс ҳолда, сизни яқин азоб ушлайди», деди.
Туя ҳақида ва унинг мўъжиза экани ҳақидаги батафсил маълумотлар бошқа сураларда келган, Ҳуд сурасида эса, сиёққа мос тарафлари баён этилмоқда.
Солиҳ алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза қилиб берилган туяни Самуд қавмига кўрсатиб, эй қавмим, мана бу туя менинг ҳақ Пайғамбар эканимни тасдиқловчи мўъжиза, бу Аллоҳнинг туяси, унга тегманглар, Аллоҳнинг ерида хоҳлаган нарсасини еб юрсин, унга бирор ёмонлик етказа кўрманглар, агар бирор ёмонлик етказсангиз, сизга тезда азоб келади, дедилар.
Лекин жиноятчи қавм ўз Пайғамбарининг бу гапини ҳам инобатга олмадилар.

65. Бас, у(туя)ни сўйдилар. Сўнг У: «Диёрингизда уч кун баҳраманд бўлиб туринг. Бу ёлғон бўлмаган ваъдадир», деди.
Самуд қавмининг қалби тош бўлиб, ҳеч нарса таъсир қилмайдиган даражага етган эди. Аллоҳнинг мўъжизасини кўзлари билан кўриб туриб, таъсирланиш, ибрат олиш, тўғри йўлга тушиш ўрнига, мўъжизага ҳам, Солиҳ алайҳиссаломнинг огоҳлантиришларига ҳам парво қилмай, тўғри бориб Аллоҳнинг туясини сўйдилар.
«Бас, у(туя)ни сўйдилар».
Бу иш динга нисбатан, Пайғамбарга, Аллоҳга нисбатан ҳурматсизлик ва ҳақоратнинг очиқ-ойдин кўриниши эди. Шунда Солиҳ алайҳиссалом уларга:
«Диёрингизда уч кун баҳраманд бўлиб туринг. Бу ёлғон бўлмаган ваъдадир» деди».
Яъни, сизга уч кундан сўнг азоб келади. Бу чин ваъдадир, дедилар.

66. Амримиз келган пайтда Ўз раҳматимиз ила Солиҳга ва у билан бирга иймон келтирганларга нажот бердик ва ўша куннинг шармандалигидан қутқардик. Албатта, Роббинг, Унинг Ўзи кучли ва азиздир.
Яъни, Бизнинг амримиз юзага чиқиши ваъда қилинган пайт келганида, Пайғамбаримиз Солиҳ ва у билан иймон келтирган мўмин бандаларимизга нажот бердик. Ҳамда уларни ўша азоб келган кунги шармандаликдан қутқардик.
Бу ишни қилиш Биз учун қийин эмас. Чунки Роббинг куч ва иззат эгасидир.

67. Ва зулм қилганларни даҳшатли қичқириқ олди. Бас, диёрларида тўкилдилар.
68. Худди унда турмаганга ўхшаб. Огоҳ бўлингким, албатта, Самуд (қавми) Роббиларига куфр келтирган эдилар. Огоҳ бўлингким, Самуд йўқолсин-е!
Иймон келтирмай, кофир бўлиб, зулм қилган Самудликларни даҳшатли қичқириқ ҳалок этди. Улар турган жойларида тутдек тўкилдилар. Бу ҳолларини кўрган одам уларни бу ерда яшаган деб ўйламас эди.
«Ва зулм қилганларни даҳшатли қичқириқ олди. Бас, диёрларида тўкилдилар. Худди унда турмаганга ўхшаб».
Эй одамлар, эй бу қиссадан хабардор бўлганлар, улар нима учун бу ҳалокатга учради? Бир ўйлаб кўринглар! Нима учун?!
«Огоҳ бўлингким, албатта, Самуд (қавми) Роббиларига куфр келтирган эдилар».
Ана шу куфрлари туфайли азобга гирифтор бўлдилар.
«Огоҳ бўлингким, Самуд йўқолсин-е!»
Касофати бошқага урмасин. Ҳаммадан узоқда бўлсин!
Бу қисса ҳам ваъз-насиҳат ва ибратларга тўла. Шаккоклик ва нобакорлик билан, Аллоҳдан қўрқмай, Унинг мўъжизасига қарши журъат қилган гуноҳкор қавмни Аллоҳ таоло тўсатдан эмас, олдиндан кунини тайин қилиб, кейин ҳалок қилди. У қавмни ҳалок қилиш учун тўфон, зилзила каби улкан офатларни эмас, биттагина даҳшатли қичқириқни ишга солди. Агар хоҳласа, Муҳаммад алайҳиссаломни инкор қилиб турган мушрикларни ҳам худди шундай ҳалок этиб, Солиҳ алайҳиссалом ва у зот билан бирга иймон келтирганларни қутқариб қолгани каби, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва оз сонли мусулмонларни ҳам қутқариб қолади.
Шу билан Солиҳ алайҳиссалом ва Самуд қавми қиссаси ниҳоясига етди.
Энди Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссалари келади:

69. Батаҳқиқ, элчиларимиз Иброҳимга хушхабар келтирдилар. Улар: «Салом», дедилар. У: «Салом», деди. Ва кўп ўтмай қовурилган бузоқ келтирди.
Ҳуд сурасида келган бошқа Пайғамбар алайҳимуссаломларнинг қиссаларидан фарқли ўлароқ, Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссаларининг бошидан эмас, балки, ундан бир кўриниши келтирилмоқда. Бу эса, Лут алайҳиссалом қиссасига кириш учундир.
Янги қисса Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳнинг элчилари-фаришталари келтирган хушхабар билан бошланмоқда. Ўша пайтда Иброҳим алайҳиссалом ўзлари туғилган Ироқнинг Калдонийлар еридан ҳижрат қилиб, саҳрода Канъонийлар заминида яшаб турган эдилар.
«Батаҳқиқ, элчиларимиз Иброҳимга хушхабар келтирдилар».
Фаришталар Иброҳим алайҳиссаломга қанақа хушхабар келтиргани кейинроқ, ўз ўрнида зикр қилинади. Фаришталар келиб Иброҳим алайҳиссаломга:
«Салом», дедилар».
Ёш, хушрўй йигитлар сувратида, меҳмонга ўхшаб келган шахсларнинг Фаришталар эканлигидан бехабар Иброҳим алайҳиссалом уларнинг саломига алик олдилар.
«У: «Салом», деди».
Саломлашиб бўлгач, меҳмонлар ўтирдилар. Иброҳим алайҳиссалом эса:
«…кўп ўтмай, қовурилган бузоқ келтирди».
Яъни, қиздирилган тошда пишган семиз бузоқ гўштини олиб келиб, дастурхонга қўйдилар. Сўнгра:

70. Уларнинг қўллари у(таом)га етмаётганини кўриб, улардан ҳайрон бўлди ва ичида хавфсиради. Улар: «Қўрқма, биз Лут қавмига юборилганмиз», дедилар.
Фаришталар одам суратида келган эдилар. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом саҳроликларнинг меҳмондўстликлари асосида уларни зиёфат қилишга шошилдилар.
Тезда пиширилган бузоқ гўштини олиб келиб, меҳмонлар олдига қўйганларида фаришталар таом емасликлари сабабидан унга қўл узатмай ўтиравердилар. Бу ҳол Иброҳим алайҳиссаломга ғалати кўринди ва улардан хавфсирай бошладилар.
«Уларнинг қўллари у(таом)га етмаётганини кўриб, улардан ҳайрон бўлди ва ичида хавфсиради».
Чунки меҳмон мезбоннинг дастурхонидан таом олмаслиги яхшилик аломати эмас. Иброҳимдаги алайҳиссалом бу ҳайратланиш ва хавфсирашни сезган меҳмон-фаришталар у кишига сирни очдилар:
«Қўрқма, биз Лут қавмига юборилганмиз», дедилар».
Шу пайт Иброҳим алайҳиссаломнинг эшик олдида:

71. Тик турган хотини кулди. Бас, Биз у(хотин)га Исҳоқнинг ва Исҳоқдан кейин Яъқубнинг хушхабарини бердик.
Иброҳим алайҳиссаломнинг фаришталар билан қилаётган суҳбатларини тик туриб эшитаётган у кишининг аёллари, фаришталарнинг Лут қавмига азоб олиб кетаётганини эшитиб кулдилар. Лекин у аёлга аталган бошқа гап бор эди.
«Бас, Биз у(хотин)га Исҳоқнинг ва Исҳоқдан кейин Яъқубнинг хушхабарини бердик».
У аёл шунгача бефарзанд эди. Аллоҳ таоло Лут қавмига азоб олиб бораётган фаришталарга йўл-йўлакай Иброҳим алайҳиссалом оиласида туғилажак Исҳоқ исмли фарзанднинг ва у эса Яъқуб деган ўғил кўришининг хушхабарини етказишни ҳам топширган эди. Мана, улар хушхабарни етказдилар. Шунда:

72. У: «Вой шўрим, ўзим кампир, манави эрим чол бўлса ҳам, туғаманми?! Бу қизиқ нарса-ку!» деди.
Иброҳим алайҳиссаломнинг ёшлари анча улуғ эди. Шунингдек, аёлларининг ёши ҳам ўтиб қолган эди.
Одатда, бу ёшда эркакдан фарзанд бўлмайди, қари аёл фарзанд туғмайди. Иброҳим алайҳиссаломнинг аёллари ўша одат бўйича, инсоний тажрибага суяниб, хушхабардан ажабланди. Аммо фаришталар унга илоҳий ўлчов бошқа эканини тушунтирдилар:

73. Улар: «Аллоҳнинг амридан ажабланасанми? Эй аҳли байтлар, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлгай. Албатта, У мақталган ва буюк зотдир», дедилар.
Инсон ҳаётда ўзи кўп кўрган, кўп такрорланган ҳодиса-ҳолатларни қоида шаклида тушуниб қолади. Баъзида ўша «қоида» бузилиши мумкинлигини унутиб қўяди. Аллоҳ у «қоида»ларни хоҳлаган лаҳзада хоҳлаганича бузиши мумкинлигини эсдан чиқариб қўяди. Инсоний тарозида, маълум ёшдаги эр-хотинлар қўшилгандагина фарзанд дунёга келади, деган ўлчов бор. Аммо бу ҳодиса Аллоҳнинг иродаси ила рўёбга чиқишини унутиб қўйишади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ баъзида айрим ёш эр-хотинларни бефарзанд қилиб, бу ҳақиқатни одамларга эслатиб туради.
Шунингдек, маълум ёшдан ўтгандан сўнг, фарзанддан қолиш умумий қоидага ўхшайди. Аммо Аллоҳ хоҳласа, қарилардан ҳам фарзанд туғилиши мумкин. У ҳар нарсага қодир зот. Бу ишдан ҳеч ажабланиб бўлмайди. Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари ёши ўтган аёл киши ўлароқ, ҳайз кўрмай қўйган, ўзида бола кўриш имкони йўқлигини яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам фаришталар келтирган хушхабардан ниҳоятда ажабландилар. Аммо хушхабар келтирувчилар бу ажабланиш ноўрин эканлигини англатиб:
«Аллоҳнинг амридан ажабланасанми?» дедилар.
Яъни, бу гапни биз ўйлаб чиқарганимиз йўқ. Бу Аллоҳнинг амри. У хоҳлаган нарсасини қилади, ажабланишга ўрин йўқ. Хоҳласа, чолу кампирдан ҳам фарзанд пайдо қила олади.
«Эй аҳли байтлар, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлгай».
Яъни, эй Пайғамбар аҳли оиласи, сизларга келажакда Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлгай. Унинг раҳмати ва баракоти фарзанд ато қилиш билангина тугаб қолмагай. Ҳали ундан ўзга турли хайр-баракалар бор. Бу осон иш. Чунки уларни сизга ваъда қилаётган зот-Аллоҳдир.
«Албатта, У мақталган ва буюк зотдир», дедилар».
Аллоҳ бандаларига берган неъматлари, раҳмати ва баракотлари учун доимо мақталиб келаётган зотдир. У буюкдир, бунга ўхшаган ишлар Унинг учун ҳеч гап эмас.
Фаришталарнинг бу гапларидан кейин Иброҳим алайҳиссаломга ҳамма нарса равшан бўлди.


74. Иброҳимдан қўрқинч кетиб, хушхабар етгач, Биз билан Лут қавми ҳақида баҳслаша бошлади.
75. Албатта, Иброҳим ҳалийм, тазарруъли ва У зотга тез қайтувчидир.
Фаришталарнинг мақсадларини билгандан сўнг Иброҳим алайҳиссаломдан қўрқинч кетди. У кишига фаришталар келтирган хушхабар етди. Лекин у киши фаришталар хушхабар келтиргани билан бирга Лут қавмига азоб олиб келаётганидан ташвишда эдилар. Иброҳим алайҳиссалом ўзларига етган хушхабардан хурсанд бўлиб, бошқаларни унутадиган одам эмас эдилар.
«Иброҳимдан қўрқинч кетиб, хушхабар етгач, Биз билан Лут қавми ҳақида баҳслаша бошлади».
Дарҳол Лут қавмидан ташвишга тушиб, улар ҳақида тортиша бошладилар. Чунки у зотга Аллоҳ таоло олий сифатларни берган эди.
«Албатта, Иброҳим ҳалийм, тазарруъли ва У зотга тез қайтувчидир».
Ҳалиймлик сифати, ғазабга сабаб бўладиган ҳоллардан четланувчи, босиқ ва тез аччиқланмайдиган кишига нисбат берилади.
«Тазарруъли» деб таржима қилган сўзимиз ояти каримада «аввоҳ» деб келган бўлиб, жуда тақводор, тазарруъ ила кўп дуо қилувчи шахс, деган маънони англатади.
Оятдаги «мунийб» сифатини «У зотга тез қайтувчи» деб таржима қилдик, бу ҳам ҳар бир нарсада Роббига тез қайтувчи шахс, деганидир.
Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссаломнинг ушбу сифатлари бир неча бор такрорланган. Бу сифатлар у зотни Лут қавми ҳақида баҳслашишга ундади. Лекин бўлар иш бўлган эди. Шунинг учун ҳам у кишига фаришталар:


76. Эй Иброҳим, бундан воз кеч. Чунки Роббингнинг амри келиб бўлган. Албатта, уларга қайтарилмас азоб келгусидир.
Ҳамма нарса аён бўлди. Фаришталар гапни чўзиб ўтирмай гапнинг индаллосини айтиб қўя қолишди.
«Эй Иброҳим, бундан воз кеч».
Эй Иброҳим, сен биз билан Лут қавми ҳақида баҳс қилишдан тўхта. Бу масалада ҳеч қандай баҳснинг фойдаси йўқ.
«Чунки Роббингнинг амри келиб бўлган».
Лут қавмининг ҳалок бўлиши ҳақида Аллоҳ таолонинг ҳукми содир бўлиб бўлган.
«Албатта, уларга қайтарилмас азоб келгусидир».
Ва Лут қавмининг диёри томон равона бўлишди.

77. Элчиларимиз Лутга келган пайтларида, у уларни (кўриб) ёмон ҳолга тушди ва қўл-оёғи бўшашди ҳамда: «Бу қийин кундир», деди.
Чунки Лут алайҳиссалом қавмининг жинояткор эканини яхши билардилар. Улар дунёда ҳеч ким қилмаган гуноҳни қилаётган эдилар. Бу золим қавмга Аллоҳнинг азоби келиши муқаррар эди. Аммо қачон келишини ҳеч ким билмас эди. Жумладан, Лут алайҳиссалом ҳам. Аммо ҳузурларига Аллоҳнинг элчилари бўлмиш фаришталар келганида Лут алайҳиссалом қавмига азоб келганини англадилар:
«У уларни (кўриб) ёмон ҳолга тушди ва қўл-оёғи бўшашди».
Мўмин қазои қадарга  ишонади. Ҳар бир нарса Аллоҳдан эканига чин дилдан иймон келтиради. Айниқса, Пайғамбарлар бу борада ҳаммага ўрнакдирлар. Шунинг учун Лут алайҳиссаломнинг ёмон ҳолга тушиб, қўл-оёқлари бўшашишини азобдан қўрқиш деб тушунмаслик керак. Фаришталар келишидан у зот алайҳиссаломнинг ёмон ҳолга тушишларига бошқа сабаб бор эди. Фаришталар чиройли, хушрўй йигитлар суратида келган эдилар. Лут алайҳиссалом қавми эса, баччабозликка мубтало эди. Бадбахт қавм хушрўй йигитлар сувратидаги фаришталарга осилиб, беъманиликлари ила шармандачиликка қўл уришларини ўйлаб, у зот шу ҳолга тушдилар. Ҳақиқатда ҳам у кишининг ўйлаганлари бўлиб чиқди.

78. Қавми унга шошилиб, ҳаллослаб етиб келди. Улар бундан олдин гуноҳлар қилар эдилар. У : «Эй қавмим, анаву қизларим сизлар учун покроқ-ку. Бас, Аллоҳдан қўрқинг! Меҳмонларим ҳақида мени шарманда қилманг. Ичингизда бирорта тузукроқ одам йўқми?!» деди.
Лут алайҳиссалом ҳузурига чиройли, ёш йигитларнинг келганини эшитган жиноятчи қавм тезлик билан етиб келди.
«Қавми унга шошилиб, ҳаллослаб етиб келди. Улар бундан олдин гуноҳлар қилар эдилар».
Яъни, баччабозлик қилардилар. Лут алайҳиссаломнинг меҳмонга ёш йигитларнинг келишидан ёмон ҳолга тушишлари ва қўл-оёқлари бўшашишлари ҳам, юқорида айтиб ўтилганидек, шу боисдан эди. Қавмнинг нияти кўринишидан маълум эди. Шунинг учун Лут алайҳиссалом уларни тўғри йўлга йўллашга ҳаракат қилиб:
«Эй қавмим, Анаву қизларим сизлар учун покроқ-ку», дедилар.
Лут алайҳиссаломнинг «анаву қизларим» деган иборалари пушти камарларидан бўлган ва иймон келтириб, у кишига эргашган қизларини ҳам ичига олишини тафсирчиларимиз таъкидлаб ўтишган. Лут алайҳиссаломнинг «сизлар учун покроқ-ку», дейишлари, уларга уйланиб, шаҳватларингизни қондиришга пок-ку, деганларидир. Бу ердаги поклик ҳамма маъноларни-ҳиссий, маънавий, руҳий, жисмоний ва бошқа покликларни ичига олади. Эркак кишининг эркак кишига жинсий яқинлик қилиши, энг катта ифлослик, нопокликдир. Лут алайҳиссалом қавмларини ўша нопокликдан қайтариб, бу борадаги пок йўлга, аёлларни никоҳлаб олишга даъват қилдилар. Шу билан бирга, қавмга таъсирни кучлироқ ўтказиш учун:
«Бас, Аллоҳдан қўрқинг!» дедилар.
Бу билан уларнинг қалбларига қўрқинч солиб, ёмон ишдан қайтармоқчи бўлдилар. Шунингдек, бошқа омилларни ҳам ишга солдилар:
«Меҳмонларим ҳақида мени шарманда қилманг».
Бу билан урф-одатларини эҳтиром қилишга ҳам даъват этдилар. Чунки меҳмоннинг ўзига яраша ҳурмати бор. Айниқса, ўша бадавий, саҳройи халқнинг меҳмонни ҳурматлаш борасидаги одатлари таҳсинга сазовор эди. Ҳолбуки, бу қавм Пайғамбариникига келган меҳмонлар устига жирканч ният билан бостириб кирмоқда!
«Ичингизда бирорта тузукроқ одам йўқми?!» деди.
Яъни, бу иш ичингизда бирорта ҳам тузукроқ одам йўқлигидан бўляпти. Аҳмоқликни бас қилинг, ақлингизни йиғиб олинг.
Аммо бузуқ нафснинг тузалиши қийин. Айниган тафаккурнинг тўғриланиши ҳам мушкул:

79. Улар: «Сенинг қизларингда бизнинг ҳаққимиз йўқлигини билгансан ва биз нимани хоҳлашимизни, албатта, сен биласан», дедилар.
Яъни, эй Лут, аёлларга рағбатимизнинг йўқлигини яхши биласан. Ҳозир нима мақсадда келганимизни ҳам яхши биласан, дейишди.
Ана шунда, Лут алайҳиссаломнинг барча умидлари узилди.

80. У: «Қани энди сизларга қувватим етса эди ёки мустаҳкам ерга беркинсайдим», деди.
Тафсирчиларимиз Лут алайҳиссаломнинг ушбу гаплари кимга қаратилгани ҳақида икки хил фикр билдирадилар. Бир гуруҳ тафсирчиларимиз, Лут алайҳиссаломнинг бу гаплари қавмларига қаратилган, дерлар. Бизнинг таржимадаги маъно ҳам шунга яқинроқ. Бошқа бир гуруҳ тафсирчилар эса, бу гаплар меҳмон бўлиб келган ёш йигитларга қарата айтилган, дерлар. Шунда, эй меҳмонлар, сиз ҳам ёш, камқувват кўринасизлар, қани энди, кучим етсаю сизларни ҳимоя қилсам ёки мустаҳкам бир паноҳ топиб, жойлаштирсам, деган маъно чиқади.
Гап шу ерга етганда фаришталар ҳақиқатни ошкор қилдилар:

81. Улар: «Эй Лут, биз Роббингнинг элчиларимиз, булар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, кечанинг бир бўлагида аҳлинг ила юргин ва сизлардан хотинингдан бошқа ҳеч ким ўгирилмасин. Чунки уларга етадиган мусибат у(аёл)га-да етгувчидир. Уларга тайин қилинган вақт, субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!» дедилар.
Ёш йигитлар камқувват, ўзларини ҳимоя қила олмайдиган меҳмонлар эмас, балки Аллоҳнинг элчилари-мазкур жиноятчи қавмни ҳалок қилиш учун юборилган қувватли фаришталар эди. Улар Лут алайҳиссаломга у киши мустаҳкам паноҳда-Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканликларини эслатдилар:
«Улар: «Эй Лут, биз Роббингнинг элчиларимиз, булар сенга ҳаргиз тега олмаслар».
Яъни, золим қавмдан ҳеч қўрқма, улар сенга ҳеч қачон заррача зарар еткиза олмайдилар. Буни сенга биз-Роббингни элчилари айтмоқдамиз, дедилар.
Сўнгра эса, у зот алайҳиссаломга қутулиш йўлини ўргатдилар:
«Бас, кечанинг бир бўлагида аҳлинг ила юргин ва сизлардан хотинингдан бошқа ҳеч ким ўгирилмасин».
Демак, кўрсатма бўйича Лут алайҳиссалом аҳлларини олиб, кечанинг бир бўлагида диёрларини ташлаб чиқишлари керак эди. Кечаси улардан ҳеч ким қолмай чиқиб кетиши керак эди. Тонггача улгуриш керак эди. Лут алайҳиссаломнинг аҳлидан фақат бир киши-у зотнинг хотинлари қолиб кетади. Ё чиқмай, шаҳарда қолиб ёки кетаётиб ўгирилиб ортда қолиб, балога гирифтор бўлишига Аллоҳнинг ҳукми чиққан эди.
Бунинг сабабини ояти каримада:
«Чунки уларга етадиган мусибат у(аёл)га-да етгувчидир», деб баён қилинмоқда.
Шунинг учун у аёл қавм билан бирга ҳалок бўлади.
Бу аёл улуғ Пайғамбарнинг жуфти ҳалоли бўлишига қарамай, гуноҳкорлик қилгани учун золим қавмга қўшилиб ҳалок бўлишини Аллоҳ таоло ирода қилган эди. Ҳалок бўлиш вақти ҳам Аллоҳ таоло томонидан белгиланган.
«Уларга тайин қилинган вақт, субҳдир».
Эътибор ва мулоҳаза ила қараладиган бўлса, кўп ҳалокатлар субҳ вақтида юз бериши маълум бўлади. Бу пайтни Аллоҳ таоло баракали қилиб қўйган. Лекин гуноҳкор ва кофир қавмлар кечаси билан гуноҳ ишларни қилиб, айни тонг-субҳ чоғида ғафлат уйқусига кетган бўладилар.
«Субҳ яқин эмасми?!» дедилар».
Албатта, яқин.

82. Амримиз келган пайтда у ўлкани остин-устун қилдик ва устидан кетма-кет сопол тошларни ёғдирдик.
83. Уларга Роббинг ҳузурида белги қўйилган эди ва улар золимлардан узоқ эмасдир.
Яъни, ўша золим қавм яшаган ўлкани ҳалок қилиш ҳақидаги
«Амримиз келган пайтда у ўлкани остин-устун қилдик».
Мазкур диёрнинг номи Садум бўлиб, ривоятларда келишича, Аллоҳнинг амри ила фаришталар Садумни борлигича кўтариб чаппа айлантириб қўйганлар. Яъни, ернинг остини устига айлантириб қўйганлар. Садум бутун аҳолиси ва бор-йўғи ила ер остига кўмилган. Фақиҳлардан, Лут қавмининг жиноятини қилганларни, яъни, баччабозлик ила шуғулланганларни ётқизиб туриб устидан деворни йиқитиш керак, деганлар ва бу ҳукмларига айнан шу ҳолатни далил қилиб келтирадилар.
Аллоҳ таоло яратган соф инсоний табиатга тамоман зид иш қилган бундай нобакорларга бу ҳам оз. Шунинг учун Аллоҳ таоло:
«ва устидан кетма-кет сопол тошларни ёғдирдик», демоқда.
Яъни, Садум остини устига қилиб туриб, яна устидан кетма-кет сопол тошлар ёғдирдик. Биз «сопол» деб таржима қилган маъно оятда «сажжил» лафзи ила келган. Бунинг маъносини бир сўз билан англатиб бўлмайди. Луғат уламолари бу сўзнинг маъноси ҳақида лойи қаттиқ қотиб қолган тош, ҳам деганлар. Баъзи уламоларимизнинг баён қилишларича, Лут қавми истиқомат қилган диёрлар беш шаҳар-қишлоқдан иборат бўлган, уларнинг каттаси Садум деб номланган. Аллоҳ таоло уларнинг барчасини остин-устин қилиб ташлаганидан сўнг, устидан лойи қотиб қолган тош ёғдирган.
«Уларга Роббинг ҳузурида белги қўйилган эди».
Яъни, тошларга белги қўйилган эди. Уламоларимиз айтишларича, ким ўлиши керак бўлса, ўша одамнинг исми ёзилган тош унга тегиб ўлдирар экан. Ўлка остин-устин қилинганида ўлмай тирик қолганларни ўша тошлар қувиб етиб уриб ўлдирган.
«ва улар золимлардан узоқ эмасдир».
Яъни, тошлар золим қавмларга жуда яқиндир. Золимлар у тошлардан қочиб қутула олмаслар.
Имом  Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳи ушбу тош билан ўлдирилганларни ҳужжат қилиб, Лут қавми амалини қилганларнинг ҳукми, олдин баланд жойдан улоқтириб, кейин тошбўрон қилишдир, деганлар.
Машҳур муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни Лут қавмининг амалини қилаётган ҳолда топсангиз, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринг», деганлар.
Шу ерга келганда Иброҳим алайҳиссалом, Лут алайҳиссалом ва у кишининг қавми қиссаси охирига етади. Бу қисса ҳам, аввалгиларига ўхшаб, ваъз-насиҳат ва ибратларга бой. Бу қиссада ҳам кофирлар тазйиқи остида қийин ҳолга тушиб қолган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, у кишига эргашган оз сонли мусулмонлар ва улардан кейин келадиган аҳли иймон, аҳли Ислом ва аҳли Қуръонларга тасалли, юпатиш бор.
Шунингдек, осий, гуноҳкорларга эслатма, таҳдид бор.
Мулоҳаза қилсак, бу қиссада аввалги қиссаларга ўхшаб гап бевосита иймон ҳақида, Пайғамбар, унга келган илоҳий ваҳийни инкор қилиш ва унинг оқибатлари ҳақида бормайди. Балки, иймонсизлик туфайли жамиятда тарқаладиган ижтимоий касаллик ва унинг оқибатлари ҳақида айтилади.
Маълумки, ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтда жоҳилий жамиятда турли ижтимоий касалликлар тарқалган эди. Бу касалликлар ҳам иймонсизлик оқибатида, Аллоҳнинг амрига, Пайғамбарининг кўрсатмаларига юрмаслик оқибатида келиб чиқаётган эди. Бу хасталикларни даволаш учун юборилган Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга араб мушриклари Лут алайҳиссаломга қавми қилган муомалани қилаётган эдилар. Аллоҳ таоло уларни хоҳлаган пайтда ҳалок қилиши мумкинлигини эслатиб қўймоқда.
Энди Аллоҳнинг Пайғамбарларидан яна бири бўлмиш Шуайб алайҳиссаломнинг қиссалари келади.

84. Ва Мадянга биродарлари Шуайбни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Ўлчовни ва тортишни камайтирманглар. Албатта, мен сизларнинг яхшиликда эканликларингизни кўриб турибман. Албатта, мен сизларга қамровли кун азобидан қўрқмоқдаман.
Мадян-бир ўлканинг ва ўша ерда яшовчи қабиланинг номи. Бу ўлка Ҳижоз билан Шом орасида жойлашган.
Аллоҳ таоло уларга биродарлари Шуайб алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди. У кишига Пайғамбарлик етиши билан бошқа Пайғамбарлар каби даъватни
«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ», дейишдан бошладилар.
Яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ»га даъват қилдилар. Бунинг орқасидан эса, қавмда мавжуд энг ёмон одатни муолажа қилишга ўтдилар:
«Ўлчовни ва тортишни камайтирманглар», дедилар.
Яъни, одамларга бирор нарсани ўлчаб берадиган бўлсангиз, ўлчовдан уриб қолманг, тортиб берадиган бўлсангиз, тарозидан уриб қолманг, дедилар.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, Мадян аҳли ичида бу номаъқул одат кенг тарқалган экан. Шуайб алайҳиссалом иймон-эътиқод масаласидан кейин бевосита инсоний муомалаларда адолат бўлишига алоҳида эътибор бермоқдалар. Бу эса бугунги кунда, дин одамнинг дилидаги нарса, у инсон билан Робби орасидаги руҳий боғланиш, холос, деб сафсата сотаётганларнинг гапи мутлақо нотўғри эканига ёрқин далилдир.
Тижорат ила кўпроқ машғул бўлган Мадянликлар иқтисодий жиҳатдан яхши ҳолатда бўлсалар керак. Бу фикрни Шуайб алайҳиссаломниг ўз қавмларига айтаётган гапларининг давомидан билиб оламиз.
«Албатта, мен сизларнинг яхшиликда эканликларингизни кўриб турибман».
Яъни, мен сизларни мўл-кўлчиликда, фаровон турмушда кўриб турибман. Сиз бу ҳолга шукр қилинг, Аллоҳга иймон келтиринг ва одамларнинг ҳаққини уриб қолишдан сақланинг.
«Албатта, мен сизларга қамровли кун азобидан қўрқмоқдаман».
Қамровли кундан мақсад қиёмат кунидир. Чунки у кун ҳамма нарсани қамраб олади.
Келаси оятда Шуайб алайҳиссалом бу масалага яна мурожаат қиладилар:


85. Эй қавмим, ўлчаш ва тортишни адолат ила мукаммал қилинг. Одамларнинг нарсаларини камайтириб қолманг ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрманг.
Яъни, нарсаларни ўлчаш ва тортишда вафо ила адолатни тўлиқ қилинглар.
«Одамларнинг нарсаларини камайтириб қолманг».
Яъни, нафақат ўлчаш ва тортишда, балки ҳамма нарсада бировнинг ҳаққига хиёнат қилманглар.
«ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрманг», дедилар.
Ер юзида умуман бузғунчиликни қасд қилманглар.
Энди уларни боқий яхшиликка тарғиб қиладилар:

86. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳнинг наздида боқий қолувчи сиз учун яхшироқдир. Мен сизнинг устингизда қўриқчи эмасман», деди.
Оятдаги «Аллоҳнинг наздида боқий қолувчи» дейилган иборадан тижортдан қолган ҳалол-покиза фойда тушунилади.
«Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳнинг наздида боқий қолувчи сиз учун яхшироқдир».
Яъни, сиз ўлчов ва тортишда уриб қолмай, вафо ила адолатли муомала қилганингиздан сўнг қоладиган ҳалол фойда сиз учун яхшидир.
Шуайб алайҳиссаломнинг бу гапларидан, ўлчов ва тортишда уриб қолмай, вафо ила адолатли муомала қилиш мўминлик аломатларидан эканлиги билиб олинади.
«Мен сизнинг устингизда қўриқчи эмасман», деди».
Сизларни ёмонлик ва азобдан огоҳлантиришга, иймон ва яхши амалларга даъват қилишга амр қилинганман.
Аммо Шуайб алайҳиссаломнинг бу гаплари қавмга таъсир қилмади. Улардаги бузғунчилик анчагина томир отган эди.

87. Улар: «Эй Шуайб, сенга бизнинг оталаримиз ибодат қиладиган нарсани тарк қилмоғимизни ёки молларимизда хоҳлаганимизни қилмаслигимизни намозинг амр қилмоқдами?! Сен жуда ҳалийм ва рашид экансан-да», дедилар.
Мадян аҳолисининг бу гапи ҳозирги жоҳилият аҳлининг Исломга даъват қилувчига: «Намозингни ўқисанг-чи бизнинг ишларимизга аралашмасдан», деган гапларининг худди ўзи. Қадим замондаги мушрик ва кофирлар Шуайб алайҳиссаломнинг фақат Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиш, Унинг дастури асосида яшаш ва иқтисодий алоқаларда вафоли ва адолатли бўлиш, бузғунчиликни тарк этиш хусусидаги даъватларига:
«Эй Шуайб, сенга бизнинг оталаримиз ибодат қиладиган нарсани тарк қилмоғимизни ёки молларимизда хоҳлаганимизни қилмаслигимизни намозинг амр қилмоқдами?!» деб жавоб бердилар.
Улар жоҳилдирлар, ниҳоятда жоҳилдирлар, бу дунё ҳаёти учун иймон ва намоз энг зарур омил эканини билмайдилар. Улар иқтисод, олди-берди масаласида ҳам иймон ва намоз энг муҳим омил эканини тушинишни хоҳламайдилар. Шуайб алайҳиссаломнинг насиҳатларини намознинг тақозоси деб биладилар. Улар дин масаласи намоз билан чегараланиши керак, деб ўйлайдилар. Бошқа ишларга дин ҳам, диндорлар ҳам аралашмаслиги керак, деган даъвони қиладилар. Шунинг учун ҳам уларни ҳалол-покликка чақираётган Шуайб алайҳиссаломга заҳарханда қилиб:
«Сен жуда ҳалийм ва рашид экансан-да», дедилар».
Яъни, сен жуда сабрли, босиқ ва ақли-ҳуши жойида, ниҳоятда тўғри тасарруф қиладиган одам экансан-да, дерлар. Бу гаплари истеҳзо ва камситишдан бошқа нарса эмас.
Минг йиллар ўтиб, бугунги жоҳилият аҳллари ҳам ушбу сафсатанинг айни ўзини такрорламоқдалар. Улар асли мусулмон қавмдан туғилгани ва исмлари мусулмонча бўлгани учунгина ўзларини мусулмон санайдилар. Исломга бошқа алоқалари йўқ. Кўплари шаҳодат калимасини нутқ қилишни ҳам билмайдилар. Аммо дин устидан ҳукм чиқаришга, Аллоҳнинг таълимотларини чегаралашга жуда усталар. «Мен мусулмонман,–дейди улар,–динни ва диндорларни ҳурмат қиламан, лекин дин одамларнинг қалбида бўлиши керак. Майли, масжидга боришсин, намоз ўқишсин, аммо бошқа нарсаларга аралашмасин».
Қавми шундай жоҳилона гапларини айтгандан кейин ҳам Шуайб алайҳиссалом уларга яхши муомала қилдилар, ширин гапирдилар. Зотан, у кишининг лақаблари ҳам «Хатийбул анбиё–набийлар хатиби» эди. У зотда кишиларга хитоб қилиш услуби етук даражада эди.


88. У: «Эй қавмим, хабар беринглар-чи, агар мен Роббимдан аниқ ҳужжатга эга бўлсам-чи ва мени Ўзи тарафидан яхши ризқ ила ризқлантирган бўлса-чи?! Мен сизларни ўзим қайтараётган нарсада ўзим хилоф қилмоқчи эмасман. Мен имконим борича ислоҳ қилишдан ўзга ҳеч нарсани хоҳламайман. Менинг муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ. Унгагина таваккал қилдим. Унгагина қайтаман».
Шуайб алайҳиссалом саркаш қавмнинг кўнглини юмшатиш учун ораларидаги яқинликни эслатиб, уларга:
«Эй қавмим», деб хитоб қилдилар. Сўнгра ҳис-туйғулар поғонасидан ўтиб, уларнинг ақлларига хитоб қилдилар:
«хабар беринглар-чи», дедилар.
Аввалги гапларингизни ўйламай, шошилиб, бебошларга қўшилиб айтиб қўйган бўлишингиз мумкин. Аммо энди ўйлаб кўриб, шошилмасдан, ақлни пешлаб туриб,
«хабар беринглар-чи, агар мен Роббимдан аниқ ҳужжатга эга бўлсам-чи?!»
Унда нима деган одам бўласиз? Менинг Пайғамбарлигим ҳақ. Мен ўзим биламан. Аллоҳ менга ваҳий юборади, амр қилади. Мен одамларга етказаман. Мени инкор қилаётганингиз нотўғри. У зот
«мени Ўз тарафидан яхши ризқ ила ризқлантирган бўлса-чи?!»
Сизларни тижоратда ҳалол бўлишга, одамларнинг ҳаққини уриб қолмасликка, иқтисодий муомалаларда адолат қилишга даъват этишимни нотўғри тушунманглар. Бунинг орқасида бирор манфаат қозонмоқчи эмасман. Аллоҳ таоло менга яхши ризқни бериб қўйган. Шунинг ўзи менга етарли:
«Мен сизларни ўзим қайтараётган нарсада ўзим хилоф қилмоқчи эмасман».
Сизларни бир нарсадан қайтариб қўйиб, ўзим ўша ишни қилмоқчи эмасман. Мен фақат бир нарсани хоҳлайман, холос.
«Мен имконим борича ислоҳ қилишдан ўзга ҳеч нарсани хоҳламайман».
Аллоҳдан элчи бўлиб келган ҳар бир Пайғамбарнинг мақсади, Аллоҳ юборган диннинг ғояси шу: барчага илоҳий ислоҳни раво кўриш. Бу ислоҳ умумий бўлиб, ундан ҳамма фойда кўради. Якка шахслар ҳам, жамоатлар ҳам, мўминлар ҳам, бошқалар ҳам, наботот ҳам, ҳайвонот ҳам, хулласи калом, ҳамма-ҳамма фойда кўради.
«Менинг муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ».
Фақат У зотнинг Ўзигина умумий ислоҳ учун қилаётган ҳаракатларимга муваффақият ато этиши мумкин. У менинг ниятимни яхши билади. Бу ишга мени У зотнинг Ўзи амр қилган. Ҳамда қилган амалимга ажр берувчи ҳам Унинг Ўзидир.
«Унгагина таваккал қилдим».
Барча ишларимда фақат Унгагина суяндим.
«Унгагина қайтаман».
Ҳамма нарсада Аллоҳнинг Ўзигагина қайтаман.
Шуайб алайҳиссалом сўзлари давомида ўтган қавмларнинг ҳалокатини ҳам эслатиб қўйдилар:


89. Эй қавмим, менга хилоф қилишингиз сизларни ё Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига, ёки Солиҳ қавмига етган мусибатга ўхшаш мусибат етишига олиб бормасин. Лут қавми сизлардан узоқ эмас.
Яъни, Нуҳ, Ҳуд, ва Солиҳ қавмига етган мусибатлар сизга ҳам етмаслигини хоҳласангиз, менга хилоф қилишни йиғиштиринг.
«Эй қавмим, менга хилоф қилишингиз сизларни ё Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига, ёки Солиҳ қавмига етган мусибатга ўхшаш мусибат етишига олиб бормасин».
Чунки ўша қавмлар Пайғамбарларига хилоф қилишлари оқибатида мусибатлар, азоб-уқубатларга дучор бўлишган эди. Сизлар ҳам менга қарши чиқмоқдасиз, агар шу хилда давом этаверсангиз, худди ўша қавмларга етган мусибатлар сизларга ҳам етиши турган гап.
«Лут қавми сизлардан узоқ эмас».
Улар яшаган жойлар сизга яқин. Улар яшаган замон ҳам сиз яшаётган замондан узоқ эмас. Ибрат олинглар.
Ҳали ҳам вақт бор. Ўзингизни ўнглаб олишингиз мумкин. Бунинг учун:

90. Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим раҳмли ва шафқатли зотдир», деди.
Вақт борида Аллоҳни таниб, Ундан гуноҳларни кечиришни сўраб, тавба қилиб қолиш керак. Ҳа,
«Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг».
У раҳмли, бандалари вақтида истиғфор айтиб, тавба қилса, кечиради ва раҳм-шафқат кўрсатади.
«Албатта, Роббим раҳмли ва шафқатли зотдир», деди».
Бу гапларни эшитганидан кейин тош бўлса ҳам, эриб кетиши керак эди. Аммо кофир қалб тошдан ҳам қаттиқ бўлади. Шунинг учун Мадян кофирлари Шуайб алайҳиссаломнинг бу гапларига ҳам жоҳиллик ила жавоб бердилар.

91. Улар: «Эй Шуайб, айтганларингнинг кўпини яхши тушунмадик ва биз сени ичимизда заифҳол кўряпмиз, агар одамларинг бўлмаганида, сени тошбўрон қилар эдик. Сенинг ўзинг биз учун қимматли эмассан», дедилар.
Шуайб алайҳиссаломнинг қавмлари Мадян кофирларининг ушбу гаплари ҳам, ҳар замон ва ҳар макон кофирларининг гапига ўхшайди. Улар дин таълимотлари жуда осон ва тушинарли бўлишига қарамай ўзларини тушинмаганга соладилар. Эътибор берайлик-а мадян кофирлари нима демоқдалар.
«Эй Шуайб, айтганларингнинг кўпини яхши тушунмадик…»
Ҳолбуки, Шуайб алаҳиссаломнинг гапларида англаш қийин бўлган бирорта ҳам сўз йўқ эди.
Кофирлар, шунингдек, ўзлари мубтало бўлган зебу зийнат, молу мулк, фисқу фасод каби нарсаларни яхши тушунадилар, холос, аммо иймон-эътиқод, одоб-ахлоқ, инсоф, адолат, тақво ва ибодат каби маъноларни тушуна олмайдилар. Улар ҳамма нарсани куч-қувват юзасидан баҳолайдилар.
«биз сени ичимизда заифҳол кўряпмиз».
Шунинг учун гапингни қабул этмасдан, сенга хилоф қилмоқдамиз.
«агар одамларинг бўлмаганида, сени тошбўрон қилар эдик».
Қариндош-уруғларингдан ва одамларингдан қўрқиб турибмиз, холос. Бўлмаса, сен билан айтишиб ўтирмай, тошбўрон қилиб ўлдирар эдик.
Бу ҳам кофирларга хос тушунча ва ўлчов. Оламларнинг Роббидан қўрқмайдилар, аммо ўзларига ўхшаган одамлардан қўрқадилар. Улар кучи бор одамлардан қўрқадилар. Уларни одам ҳисоблайдилар. Аммо кучсиз одам уларни икки дунё бахтига чақириб, икки дунё шармандачилигидан қутулиш йўлини кўрсатиб турган Пайғамбар бўлса ҳам, улар учун қадрсиздир.
«Сенинг ўзинг биз учун қимматли эмассан».
На ўзингнинг, на насиҳатингнинг биз учун заррача қиммати йўқ.
Шунда Шуайб алайҳиссалом уларга ҳақиқатни очиқ айтдилар.

92. У: «Эй қавмим, менинг одамларим сизлар учун Аллоҳдан кўра азизроқми?! Унга орқангизни ўгириб олдингиз. Албатта, Роббим қилаётган амалларингизни иҳота қилувчидир».
Эй нодон қавм, бир гуруҳ одамларнинг ҳисобини қиласиз-у, Аллоҳ таолони, буюк ва қудратли зотни унутиб, Унга орқа ўгирасизми?!
«Эй қавмим, менинг одамларим сизлар учун Аллоҳдан кўра азизроқми?! Унга орқангизни ўгириб олдингиз».
Майли, ҳозирча нима қилсангиз, қилиб тураверинг. Аммо, ҳеч унутмангки:
«Роббим қилаётган амалларингизни иҳота қилувчидир».
Вақти-соати келганда ҳисоб-китобини қилиб олади.

93. Эй қавмим, имконингиздаги амални қилаверинг, мен ҳам амал қилувчиман. Тезда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини биласизлар. Кутинглар, мен ҳам сизлар ила кутувчиман», деди.
Энди орамиз очиқ бўлди. Шу даражага борган бўлсангиз, энди сизга гап-сўзнинг фойдаси йўқ экан.
«Эй қавмим, имконингиздаги амални қилаверинг, мен ҳам амал қилувчиман».
Яъни, Аллоҳнинг айтганини қилмаганингиздан кейин, қўлингиздан келганини қилаверинг. Лекин, мен Аллоҳнинг айтганига амал қиламан.
«Тезда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини биласизлар».
Менми ёки сизми ёлғончи? Ўшанда билинади. Бу вақтни:
«Кутинглар, мен ҳам сизлар ила кутувчиман», деди».
Оқибат нима бўлишини ўшанда кўрамиз.
Бу айтилган вақт ҳам кўп куттирмади.

94. Амримиз келган пайтда Шуайбга ва у билан бирга иймонга келганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик. Зулм қилганларни эса, қичқириқ тутди ва диёрларида тўкилдилар.
95. Худди у ерда яшамаганлардек. Огоҳ бўлингким, худди Самуд йўқолгандек, Мадян ҳам йўқолди.
Мадян аҳлини ҳалок этиш учун тайин қилинган вақт келиб, амримиз етганида, одатдагидек, Пайғамбаримиз Шуайб ва у билан бирга бўлган мўминларга нажот бердик. Ҳа,
«Амримиз келган пайтда Шуайбга ва у билан бирга иймонга келганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик».
Зулмкор бўлган кофирларни эса, биз томондан келган бир қичқириқ тутди ва ҳаммалари турган жойларида тўкилиб қолдилар. Ҳа,
«Зулм қилганларни эса, қичқириқ тутди ва диёрларида тўкилдилар».
Уларни бундоқ қилиш учун ортиқча нарса ҳам керак бўлгани йўқ.
Фақатгина бир қичқириқ билан турган ерларида тутдек тўкилиб қолдилар.
«Худди у ерда яшамаганлардек».
Худди ер юзида яшамагандек адо бўлдилар.
«Огоҳ бўлингким, худди Самуд йўқолгандек, Мадян ҳам йўқолди».
Шуайб алайҳиссаломнинг қавми Мадян аҳли ҳам, Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми Самуд каби, йўқолди, узоқ бўлди.
Шу билан Шуайб алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари Мадян аҳлининг қиссаси ҳам тугади. Бу қиссада ҳам кўплаб ваъз-насиҳат ва ибратлар бор. Мулоҳаза қиладиган бўлсак, бу қиссада иймон ва эътиқод масаласи иқтисод, тижорат ва кишилар орасидаги олди-берди масалаларга боғлиқ ҳолда келган. Мадян аҳлининг иқтисодий жиноятлари алоҳида бўрттириб кўрсатилган. Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган жой ва вақтда ҳам шунга ўхшаш жиноятлар авж олган эди. Ҳозирги пайтда янада кучаймоқда. Демак, ҳар ким ўзига яраша хулоса чиқариб олиши керак.
Ушбу қиссаларнинг сўнгида Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн қиссасига ҳам бир тўхтаб ўтилади. Қисқача ҳолда оқибат нима бўлганига ишора қилинади.

96. Батаҳқиқ, Биз Мусони оятларимиз ва очиқ-ойдин ҳужжатимиз ила юбордик.
97. Фиръавн ва унинг одамларига Бас, улар Фиръавн ишига эргашдилар. Фиръавннинг иши эса тўғри эмасди!
Шубҳа йўқки, Биз Мусони Фиръавнга ва унинг қавмига Пайғамбар қилиб юбордик. Аммо улар Аллоҳнинг эмас, Фиръавнинг амрига юрдилар. Фиръавннинг амри эса, нотўғри эди. Улар тўғри амрни қўйиб, нотўғрисига эргашдилар.

98. У қиёмат куни қавмининг олдига тушиб, уларни дўзахга бошлаб келтирур. У жой қандай ҳам ёмон тушиш жойидир.
Биз «тушган жойи» деб таржима қилган сўз ояти каримада «сув ичгани тушган жойи» деган маънони англатувчи «ал-вирдул мавруд» ибораси ила келган. Қавм бу дунёда Аллоҳ таолонинг амрини қўйиб, Фиръавнга эргашгани учун қиёмат куни ҳам унга эргашадилар.
У эса, иссиқда куйиб-ёнган қавмни, сув ичишга бошлаб бораман, деб ҳаракат қилади-ю, олиб борган жойи дўзахнинг қаъри бўлади.
У қандай ҳам ёмон жой.

99. Бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам уларга лаънат эргашур. Бу қандай ҳам ёмон ёрдамдир!
Фиръавн уларга ёрдам ваъда қилган эди. Уларга унинг берган ёрдами бу дунёда ҳам лаънатланиш, у дунёда ҳам лаънатланиш бўлди. Бу қандай ҳам ёмон ёрдамдир.
Эндиги ояти карималар суранинг хотимаси ҳисобланади. Аввало, зикр қилинган қиссаларга хотима берилади:

100. Мана булар-шаҳарларнинг хабарларидан бўлиб, уларни сенга қисса қилаётирмиз. Улардан (ўз ўрнида) турганлари ҳам бор, йиғилганлари ҳам бор.
Яъни, юқорида зикр қилинган қиссалар баъзи шаҳарларнинг хабарларидир. Сен билмас эдинг. Биз сенга ҳикоя қилиб бермоқдамиз.
«Улардан (ўз ўрнида) турганлари ҳам бор».
Яъни, аҳли ўтиб кетган бўлса ҳам, шаҳарнинг асоратлари турибди. Мисол учун, Аҳқофдаги Од қавмининг, Ҳижрдаги Самуд қавмининг асоратлари ҳозиргача бор.
«йиғилганлари ҳам бор».
Яъни, худди деҳқон ҳосилини йиғиштириб олганидек, ўша қиссаси келган шаҳарлардан ҳеч бир асар қолдирмай йиғиштириб олинганлари ҳам бор. Мисол учун, Нуҳ ва Лут қавми яшаган шаҳарлардан ному нишон йўқ.

101. Биз уларга зулм қилмадик. Лекин ўзларига зулм қилдилар. Роббингнинг амри келган пайтда Аллоҳни қўйиб илтижо қилган «худо»лари ҳеч бир нарсада уларнинг ҳожатларини чиқара олмади. Уларга зиёндан бошқани зиёда қилмадилар.
Яъни, Биз зулм қилганимиз учун улар бундай ноқулай ҳолга тушганлари йўқ. Балки ўзлари ўзларига зулм қилдилар. Вақтида иймонга келмадилар. Пайғамбарларга эргашмадилар. Вақтида истиғфор айтиб, тавба қилмадилар. Оқибатда:
«Роббингнинг амри келган пайтда Аллоҳни қўйиб илтижо қилган «худо»лари ҳеч бир нарсада уларнинг ҳожатларини чиқара олмади».
Улар турли нарсаларни ўзларига «худо» қилиб олишган эди. Аллоҳга эмас, ўша сохта «худо»ларга ибодат қилар эдилар. Улар бизга ёрдам беради, ҳожатимизни чиқаради, деб эътиқод қилардилар. Аммо Аллоҳнинг амри келиб, кофирлар азобга гирифтор бўлганларида, ўша «худо»лари уларга бирор фойда етказа олмади.
«Уларга зиёндан бошқани зиёда қилмадилар».
Ўша сохта «худо»лардан мушрик-кофирларга фақат зиён етди, холос.
Мазкур қиссалардан чиқадиган хулосалардан бири шу.

102. Роббинг золим шаҳарларни ушлаганида, ана шундай ушлайди. Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир.
Яъни, Роббинг аҳли зулмкор юртларни азоб ила ушлаганида, мазкур қиссаларда келганидек, қаттиқ ушлайди. Турли-туман қилиб, қутулиб бўлмайдиган қилиб ушлайди.
«Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир».
Бу ҳақиқатни ҳамма билиб қўймоғи лозим. Қайси шаҳар, қишлоқ ёки диёр мазкур қавмларнинг гуноҳини такрорласа, уларга ҳам ўшандай азоблар келиши мумкин.

103. Албатта, бунда охират азобидан қўрққан кимса учун ибрат бордир. Бу кун одамлар жамланадиган бир кундир. Бу кун шоҳид бўлинадиган кундир.
Яъни, ушбу сурада келган қиссаларда зикр этилган золим шаҳар, қишлоқ ва диёрларнинг аламли ва шиддатли азобларга йўлиқишида
«охират азобидан қўрққан кимса учун ибрат бордир».
Чунки бу дунёда лаънатга учраб азобга гирифтор бўлганлар, албатта, у дунёда янада қаттиқроқ лаънатга учраб, улканроқ азобга гирифтор бўладилар. Чунки охират куни бошқача кун.
«Бу кун, одамлар жамланадиган бир кундир».
У кунда Одам атодан тортиб, то қиёмат қоим бўлгунча ўтган барча одамлар битта ҳам қолмасдан жамланадилар.
«Бу кун, шоҳид бўлинадиган кундир».
Яъни, бу кунда шоҳидлик сифати бордир. У ҳаммага шоҳид бўлади. Унинг бўлмай қолиши мумкин эмас. Бу кун улуғ кундир. У кунда шоҳидлар ҳозир бўладилар. У шоҳидлар-фаришталар, Пайғамбарлар, шаҳидлар, инсу жинлар, ҳайвонлар ва бошқалар. Ҳамма-ҳамма ҳозир бўлади. Ҳама-ҳамма гувоҳлик беради.
У кун яна шундай кунки:

104. Уни Биз фақат саноқли муддатга кечиктирамиз.
Яъни, охират куни бўлиши муқаррар. Дунё сўнгсиз эмас. Бир кун келиб, охирига етади. Қиёмат кунини Биз Ўзимиз кечиктириб турибмиз, холос. Саноқли муддатгача.

105. У келган кунда ҳеч бир жон гапира олмас. Магар У зотнинг изни ила (гапирур). Бас, улардан бадбахтлари ва бахтлилари бордир.
Яъни, қиёмат куни келганида, ҳеч бир жон гапира олмай қолади. Гапирса ҳам, Аллоҳ изн берганидан кейин гапиради.
Ўша куни одамлар иккига бўлинадилар. Улардан бир гуруҳлари бадбахт бўладилар. Бошқа бир гуруҳлари эса, бахтли бўладилар.

106. Бас, бадбахт бўлганлар дўзахдалар. У ерда улар дод-фарёд қилурлар.
Яъни, қиёмат куни бадбахтлар гуруҳига қўшилганлар дўзахга тушадилар. Дўзахда улар фарёд чекадилар.
Ояти каримада биз «дод» деб таржима қилган сўз «зафир», «фарёд» эса «шаҳийқ» деб келган. Аслида, «зафир» қийналиб нафас олишга, «шаҳийқ» эса, қийналиб нафас чиқаришга айтилади.
Демак, дўзахийлар нафас олишнинг қийинлигидан «дод» дерлар ва нафас чиқаришнинг машаққатлигидан «фарёд» чекадилар.
Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин.

107. Улар, модомики осмонлару ер бор экан, унда абадий қолурлар. Магар Роббинг хоҳласа, (абадий қолмаслар). Албатта, Роббинг нимани хоҳласа, қилгувчи зотдир.
Яъни, улар дўзахда абадий қолурлар. Магар Аллоҳ хоҳласа, баъзиларини озод этиши мумкин. Чунки Аллоҳ хоҳлаганини қилгувчи зотдир.
Бадбахтлар бундай азоб-уқубатда қийналиб турган бир пайтда бахтлиларнинг ҳолати тамоман бошқача бўлади.

108. Бахтли бўлганлар жаннатдадирлар. Улар унда, модомики осмонлару ер бор экан, абадийлар. Магар Аллоҳ хоҳласа, (Ўзи билур). Бу туганмас инъомдир.
Яъни, бахтлилар жаннатда абадий қолиш билан бирга, туганмас неъматларга ҳам эга бўладилар.
Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, уларга: «Эй аҳли жаннатлар, сизлар энди абадий яшайсизлар, ўлмайсизлар, абадий ёш бўласизлар, қаримайсизлар, абадий соғ бўласизлар, бемор бўлмайсизлар, абадий неъматда бўласизлар, ноумид бўлмайсизлар», дейилади.
Энди келадиган оятларда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишига иймон келтирган оз сонли мўминларга тасалли ва сабот бўлиши учун керакли ибратлар, кофир ва мушрикларни огоҳлантириш учун таҳдидли хулосалар баён қилинади.

109. Сен анавилар ибодат қилаётган нарсада шак-шубҳада бўлма. Улар олдин оталари ибодат қилганга ўхшаш ибодат қиладилар, холос. Ва, албатта, Биз уларга насибаларини камситмасдан тўлиқ қилиб берамиз.
Бу оятдаги хитоб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилгандир. Аллоҳ таоло у кишига:
«Сен анавилар ибодат қилаётган нарсада шак-шубҳада бўлма», демоқдаки, «анавилар» дейилишининг ўзи мушриклар шаънини пастлатади. Яъни, анави мушриклар ибодат қилаётган нарса ноҳақ эканлигида сенда шубҳа бўлмасин. Уларнинг ноҳақлиги муқаррар. Уларда бирор яхшилик ёки ўзгариш бўлса экан, умид қилинса.
«Улар олдин оталари ибодат қилганга ўхшаш ибодат қиладилар, холос».
Оталари ҳам мушрик бўлганлар, турли бут-санамларга ибодат қилганлар. Булар ҳам мушрик, булар ҳам оталарига ўхшаб бут ва санамларга ибодат қиладилар.
Эсингизда бўлса, ушбу сурада қиссаси келган, ҳалокатга учраган қавмлар ҳам оталари ибодат қилган бут-санамларга ибодат қиламиз деб мусибатга йўлиққан эдилар. Энди булар ҳам ўшаларнинг хатосини айнан такрорламоқдалар.
«Ва, албатта, Биз уларга насибаларини камситмасдан тўлиқ қилиб берамиз».
Уларнинг насибаси маълум. Олдин ўтган мушрикларга нима насиба теккан бўлса, буларга ҳам шу тегади.

110. Батаҳқиқ, Мусога китобни бердик. Бас, у ҳақида ихтилоф қилинди. Агар Роббингдан ўтган сўз бўлмаганида, ораларида ҳукм чиқарган бўлар эди. Ва, албатта, улар ундан шак-шубҳададирлар.
Яъни, Пайғамбаримиз Мусога Тавротни бердик.
«Бас, у(Таврот) ҳақида ихтилоф қилинди».
Яъни, Таврот ҳақида Мусо алайҳиссаломнинг қавми ихтилоф қилди. Улар Таврот ҳақида турли гаплар айтдилар, турлича эътиқодлар қилдилар ва бошқа ихтилофлар чиқардилар. Уларнинг бу ихтилофлари ҳар қандай жазога, ҳар қандай азобга лойиқ эди.
«Агар Роббингдан ўтган сўз бўлмаганида, ораларида ҳукм чиқарган бўлар эди».
Яъни, Аллоҳ таоло уларни оммавий азобга дучор қилмасликка аҳд қилган эди. Шу боис мазкур гуноҳлари учун уларни бошқа қавмларга ўхшатиб оммавий азобга дучор этмади. Чунки булар аҳли китоб эдилар. Одатда, аҳли китоблар оммавий азобга дучор қилинмайди.
«Ва, албатта, улар ундан шак-шубҳададирлар».
Яъни, албатта, Мусо алайҳиссаломнинг қавми унинг китоби Тавротдан шак-шубҳададирлар. Чунки бу китоб Мусодан бир неча авлод ўтиб, кейин ёзилди. Ривоятлар турлича бўлиб, бир-бирига аралашиб кетди. Унга ишонадиганлар ҳам ҳайрон.

111. Албатта, Роббинг ҳаммага амалларига яраша тўлиқ вафо қилур. Чунки у қилаётган нарсаларидан хабардордир.
Аввалги оятларда зикр қилинганидек, оммавий азоб кечиктирилганидан кейин, бошқача иш тутиш керак бўлади. Ана шунинг учун ҳам:
«Албатта, Роббинг ҳаммага амалларига яраша тўлиқ вафо қилур».
Яъни, яхшига мукофот, ёмонга жазо берур. Ҳеч бир нарсани камайтмас. Бу иш унинг учун жуда ҳам осон.
«Чунки у қилаётган нарсаларидан хабардордир».
Аллоҳ банда бирор ишни қилаётган пайтдаёқ аниқ билиб туради. Шунинг учун ҳам уларни қилганига яраша мукофот ва жазолаш қийин эмас. Иш шундай бўлгач:

112. Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир.
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминлар тўғри йўлда-Аллоҳнинг динида собит турмоқликлари, бардавом бўлмоқлари лозим. Улар ҳаддан ошиб, туғёнга кетиши мумкин эмас. Агар мустақийм турмасангиз ва туғёнга кетсангиз, ўзингизга қийин бўлади.
«Чунки У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир».

113. Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.
Яъни, сизлар золимларга мойил бўлманглар. Чунки сизнинг золимларга мойил бўлишингиз уларнинг зулмини иқрор қилганингиз бўлади. Бу эса, иймонли кишининг иши эмас. Сиз золимларга яқин бўлманг.
«Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ».
Шунинг учун фақат Унигина дўст тутинглар. Акс ҳолда:
«Сўнгра ёрдам берилмайсизлар».
Яъни, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким сизга ёрдам бера олмайди.
Албатта, ушбу икки оятга амал қилиш осон эмас. Бу қийин ишда ёрдам бера оладиган омилларга қуйидаги оятда ишора қилинади:

114. Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир.
Уламоларимиз ояти каримадаги «Кундузнинг икки тарафида» адо қилинадиган намоз бомдод, пешин ва аср намозлари, «кечанинг бир бўлагида» адо этиладиган намоз шом ва хуфтон намозлари, дейишган.
Дарҳақиқат, намоз ҳақиқий руҳий озуқа, банданинг ўз Робби ва ҳақиқий ёрдамчиси Аллоҳ таоло билан бевосита боғланишидир.
Намоз оғир ва нозик пайтларда кишига мадад берувчи омилдир.
Намоз диннинг устунидир. Усиз ҳеч бир аҳамиятли ишни кўнгилдагидек охиригача етказиб бўлмайди.
«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади».
Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади. Намоз ўша яхшиликларнинг гултожидир.
Ушбу оятда оғир ва аҳамиятли ишларни қилишда, Аллоҳнинг амрига бўйсунишда, кўрсатган йўли ва йўллаган динида мустақийм туришдек масъулиятли ишда намоз ва яхшилик қилиш ила олдинга йўл очишга ундаш бор. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топгандир.
Имом  Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонлик ортидан яхшилик қил. Уни ювади. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил!» дерлар.
«Бу эса, эсловчиларга эслатмадир».
Зотан, намоз ҳам зикр-эслашдир. Яхшиликлар ҳам шундай.
Аллоҳнинг йўлида, Унинг динида мустақийм туриш учун сабр ҳам керак. Шунинг учун келаси оятда сабрга чақирилади:


115. Ва сабр қил. Бас, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас.
Яхшиликнинг тури жуда ҳам кўп. Энг олий яхшилик Аллоҳнинг йўлида, Унинг динида мустақийм туришдир. Намоз ҳам яхшилик, балки барча яхшиликларнинг онасидир. Шунингдек, сабр қилиш ҳам яхшилик. Мўмин банда ҳар қандай яхшиликни қилишга уринмоғи лозим. Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмайди.
Келгуси оятларда ўтган умматларнинг оммавий азобга учрашига сабаб уларда ғолиб одамлар зулм қилгани, ислоҳчилар эса, оз бўлгани, агар ислоҳчилар кўпчиликни ташкил қилганларида иш ҳам бошқача бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз кетади:


116. Сиздан олдинги асрларда ер юзида фасоддан қайтарадиган боқийлик эгалари бўлганида эди. Магар Биз нажот берганлар озгина кишилар бўлди, холос. Зулм қилганлар эса, маишат ортидан кетдилар ва жиноятчилардан бўлдилар.
Ўтган замонларда қавмлар ер юзида фасод ишларни қилдилар. Пайғамбарларга қарши чиқдилар. Ана шунда уларни ўша фасод ишлардан қайтарувчи яхши кишилардан боқий қолганлар бўлиб, боқий дин аҳкомларига чақирганларида қавмлари оммавий азобга дучор бўлмас эдилар. Аммо улар жуда ҳам оз эдилар. Улар оммавий азобдан қутулиб қолган саноқли кишилардир. Шунинг учун улар кўпчиликка таъсирларини ўтказа олмадилар.
«Зулм қилганлар эса, маишат ортидан кетдилар ва жиноятчилардан бўлдилар».
Шунинг учун ҳам ҳалокатга дучор бўлдилар. Ўзларидан ўтди. Бўлмаса:


117. Роббинг аҳли ислоҳчи бўлган шаҳарларни зулм ила ҳалок қилмас эди.
Одамлари иймонли бўлиб, амали солиҳ қилган шаҳарларни ҳеч қачон ҳалок қилган эмас. Бундай қилиш зулм бўларди. Аллоҳ эса, мутлақо зулм қилмайди.
Қуйида келадиган икки оятда одамлар ҳидоят ва залолат масаласида турлича бўлишлари таъкидланади:


118. Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди. Улар ихтилоф қилишда бардавом бўлурлар.
119. Роббинг раҳм қилганларидан бошқалари. Уларни шунинг учун яратгандир. Роббингнинг: «Жаҳаннамни, албатта, жинлар ва одамлар билан тамомила тўлдирурман», деган сўзи батамом бўлди.
Аллоҳ таоло қудрати ва хоҳиши чексиз зотдир. У нимани хоҳласа, шуни қилади. «Бўл» деса, ҳамма нарса бўлади. Агар У хоҳласа, ҳамма одамларни бир хил қилиб яратиши мумкин эди. Барча одамларни мўмин қилиб яратиш Унинг учун ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Шунингдек, ҳамма одамларни кофир қилиб яратиши ҳам мумкин эди. Ҳа,
«Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди».
Лекин бундай қилмади. Уларнинг турли-туман бўлишини хоҳлади. Чунки Унинг Ўзи борлиқда яратган ҳаётнинг тақозоси шу. Аллоҳ инсонни ушбу турли-туман шароитда яшашини, ўзи ҳам турлича бўлишини хоҳлади. Ўша турли нарсалардан яхшисини танлаб олиш ихтиёрини унга берди. Ҳамда ўша ихтиёр юзасидан сўроқ-савол қилишни тайин этди. Одамлар бир хил бўлмаганлари учун:
«Улар ихтилоф қилишда бардавом бўлурлар. Роббинг раҳм қилганларидан бошқалари. Уларни шунинг учун яратгандир».
Ҳа, улар турлича яратилганлар. Динда ҳам ихтилоф қиладилар. Магар Аллоҳ раҳм қилганларгина хилофсиз Аллоҳнинг айтганларида юрадилар.
Ихтилоф қилганлар эса, бу йўлдан юрмайдилар. Шунинг учун:
«Роббингнинг: «Жаҳаннамни, албатта, жинлар ва одамлар билан тамомила тўлдирурман», деган сўзи батамом бўлди».
Жаҳаннамни тўлдириш учун ихтилоф қилганлар етарлича топилади.
Суранинг охирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб этилиб, мазкур қиссаларнинг келтирилиши ҳикмати баён қилинади:

120. Биз қалбингни саботли қилиш учун сенга Пайғамбарлар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бу(сура)да сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди.
Бу қиссалардан хабардор бўлганингдан кейин, динга даъват қилишда қалбингга субут тўлади. Ўзингдан олдин ўтган Пайғамбарлар ҳам қийинчиликларга дучор бўлганларини, аммо собит турганлари учун оқибатда нажот топганларини билиб, ҳимматингга ҳиммат, ғайратингга ғайрат қўшилади. Даъват йўлидаги қийинчиликлар роҳат бўлиб кўринади.
«Бу(сура)да сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди».
Бу сурадаги ҳамма нарса ҳақдир. Мўминлар учун эса, мавъиза ҳамда эслатмадир. Улар бу сурада келган қиссалардан ибрат оладилар. Ундаги баёнлар мўминлар учун эслатма бўлади.

121. Иймон келтирмайдиганларга: «Имконингиз бор амалларни қилаверинг, биз ҳам амал қилувчилармиз
122. Ва интизор бўлинглар, биз ҳам мунтазирмиз», деб айт.
Модомики иймон келтирмас экансиз, қўлингиздан нима келса, қилаверинглар. Биз фақат Аллоҳнинг айтганини қиламиз. Сиз ўзингизга ўхшаган иймонсизларга келган азобларга интизор бўлинглар. Биз эса, ўзимизга ўхшаган мўминларга келган нажотга мунтазирмиз.

123. Осмонлару ернинг ғайби(ни билмоқ) Аллоҳга хосдир. Ишнинг барчаси Унга қайтарилур. Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккал қил. Роббинг қилаётганларингиздан ғофил эмасдир.
Интизор бўлиб кутилаётган нарса ғайбдир. Ғайбни эса, ҳеч ким билмайди. Уни фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Чунки:
«Осмонлару ернинг ғайби(ни билмоқ) Аллоҳга хосдир».
Кофирларга азоб, мўминларга нажот қачон келишини Аллоҳ билади.
«Ишнинг барчаси Унга қайтарилур».
Мўминларнинг иши ҳам, кофирларнинг иши ҳам, бошқа ишлар ҳам фақат Аллоҳга қайтади. Бу ишлар устидан фақат Аллоҳ ҳукм чиқаради. Шундай бўлганидан кейин:
«Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккал қил».
Ундан бошқанинг айтганини қилма ва Ундан ўзгага суянма.
«Роббинг қилаётганларингиздан ғофил эмасдир».
Ҳаммасини кўриб, билиб турибди.
Мана, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларига оқ туширган Ҳуд сурасининг тафсири ҳам ниҳоясига етди. Балки у бизнинг сочимизга ҳам оқ туширгандир? Агар туширган бўлса, охират ғамини ейдиган бўлибмиз. Туширмаган бўлса, ғафлатда юрибмиз экан.

Орқага Олдинга