loader

024. Нур сураси

Мадинада нозил бўлган. 64 оятдан иборат.
«Нур» сўзининг маъноси маълум ва машҳурдир. Ушбу сураи кариманинг номи «Аллоҳ осмонлару ернинг нуридир» оятидан олингандир.
«Нур» Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Нур моддий ва маънавий бўлади, шу билан бирга, у Аллоҳдандир. Зотан, ҳар бир нарсанинг вужудга келиши Аллоҳга боғлиқ. Бутун борлиқ Аллоҳ бор қилса, бор бўлади, бор қилмаса бўлмайди. Кундузи қуёшдан нур таралиши ҳам Аллоҳдан, кечанинг ой нури билан ёруғ бўлиши ҳам Аллоҳдан. Аллоҳнинг «Нур» эканлиги сурани ўрганиш жараёнида кенгроқ шарҳланади.
 Бу сураи карима Мадинада нозил бўлган. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Мадинаи Мунавварада ҳижрий сананинг олтинчи йилида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги мусулмон лашкарлар Бани Мусталиқ ғазотидан қайтиб келаётганларида нозил бўлган. Ўша пайтда ёш Ислом давлати энди қаддини тиклаб, бирин-кетин душманларни енгиб, олға қадам босиб бормоқда эди. Мусулмонлар Бадр урушида мушрикларни, Ҳандақ урушида мушрик-яҳудий-мунофиқларнинг қўшма кучларини мағлубиятга учратган эдилар. Ўн минг кишилик лашкари ила қақшатқич мағлубиятга учраган душман гуруҳлари мусулмонларга қарши турли услубларни қўлашга ўтдилар. Чунки улар мусулмонларни бундан бу ёғи фақат қурол кучи ва лашкар билан енгиб бўлмаслигини тушуниб қолган эдилар.
Ҳақиқатда мусулмонлар қурол жиҳатидан жуда кучсиз эдилар. Сон жиҳатидан эса, душманнинг ўндан бирига ҳам тенг келмасдилар. Шунингдек, иқтисодий томондан ҳам мусулмонлар жуда ночор аҳволда эдилар. Лекин мусулмонларнинг бирдан-бир устунликлари бор эди. У ҳам бўлса, иймонлари туфайли эришган маънавий устунлик эди.
Иймон туфайли мусулмонларнинг қалблари пок, ахлоқлари гўзал эди. Иймон туфайли покланган шахслардан пок жамият тузилган эди. Иймон туфайли мусулмонларнинг бирлиги, ички интизоми мустаҳкам эди. Шунинг учун ҳам улар ўзларидан кўра сон, иқтисод, куч-қувват жиҳатларидан бир неча ўн марта кўп бўлган душман устидан бирин-кетин ғалаба қозонабошладилар.
Ниҳоят, душман тараф ҳам бу сирни тушуниб етди. Мусулмонларни заифлаштириш учун уларга маънавий зарба беришни режалаштирди. Бунинг учун душман маънавий жиҳатдан кучли бўлишга урингани йўқ. Балки мусулмонларнинг маънавиятини ўзлариникига ўхшатиб бузишга қасд қилди. Бу режани амалга ошириш учун мунофиқларни танлашди. Чунки мунофиқлар сиртдан ўзларини мусулмон кўрсатиб, мусулмонлар ичига кириб олган эдилар. Бузғунчилик қилиш улар учун жуда ҳам осон эди.
Бу қабиҳ режани амалга ошириш бешинчи ҳижрий сананинг Зулқаъда ойида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганларида бошланди. Мунофиқлар, Муҳаммад ўзининг ўғли Зайд ибн Ҳорисанинг хотинини яхши кўриб қолиб, уни талоқ қилдириб, ўзи уйланиб олди, деган иғво ва бўҳтонни тарқатишди. Бу ишда уларга яҳудий ва мушриклар яқиндан ёрдам бердилар. Орада катта фитна чиқди.
Бу борадаги иккинчи ва энг даҳшатли фитнани Бани Мусталиқ ғазотидан кейин яна мунофиқлар уюштиришди.
Бани Мусталиқ қавми Бани Ҳузофа қабиласидан бўлиб, Жидда билан Робиғ ўртасидаги Мурайсиъ деган жойда яшар эди. Олтинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бани мусталиқликлар мусулмонларга қарши уруш очиш учун куч тўплаётганининг хабари келди. Фитнани ўз ўчоғида ўчириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг устларига лашкар тортиб бордилар. Мусулмонлар орасида мунофиқлар ва уларнинг бошлиқлари Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам бор эди. Ушбу сафарда айнан Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ўзи иккита катта фитнани бошлади.
Йўлда сув бўйига етганларида Жаҳжоҳ ибн Масъуд ва Синон ибн Вабар ал-Жуҳанийлар сув талашиб қолдилар. Ал-Жуҳаний ўз қавмини, яъни, ансорийларни, Жаҳжоҳ ҳам ўз қавмини–муҳожирларни ёрдамга чақирди. Орада ғала-ғовур бошланди. Мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай фурсатдан фойдаланиб, фитна қўзғади. У: «Ҳали шу даражага етишдими? Юртимизга келиб жойлашишди, кўпайишди, итингни семиртирсанг, ўзингни қопади, дегани шу экан-да, Аллоҳга қасамки, агар Мадинага қайтсак, иззатли ундан хорни чиқаради, — деди. Кейин атрофига одамларни тўплаб: — Бунга ўзингиз сабабчисиз. Уларга юртингиздан жой ажратдингиз. Молу дунёингизни тақсимлаб бердингиз. Аллоҳга қасамки, агар уларга бирор нарса бермай қўйсангиз, бошқа ёққа кўчиб кетадилар, — деб ансорий мусулмонларни муҳожир мусулмонларга қарши гиж-гижлай бошлади. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганида, фитнани бостириш учун дарҳол йўлга чиқишни буюрдилар. Чунки ҳаракатда бўлган одамлар гап-сўзни тез унутар эди.
Йўлда Абдуллоҳ ибн Убай мусулмонларнинг бирлигини бузадиган фитнадан ҳам каттароқ фитнани қўзғади. Қазои ҳожат учун лашкар қароргоҳидан узоқлашган Ойиша онамиз бўйниларидаги тақинчоқларини тушириб қўйдилар. Уни излаш билан овора бўлиб, натижада одамларнинг жўнаб кетганидан ҳам бехабар қолдилар. Қароргоҳга қайтиб келсалар, ҳамма кетиб бўлган. У киши нима қилишларини билмай, бир жойда қимирламай ўтирадилар. Охири ўша жойда кўзлари илинади. Кейин кимнингдир овозидан уйғониб кетадилар. Саҳобалардан биттаси экан. У киши Ойиша онамизни туяга миндириб, йўлга тушади. Икковлари қўшинга етиб олишганида, Абдуллоҳ ибн Убай бошлиқ мунофиқлар Ойиша онамиз шаънларига бўҳтон уюштирадилар. Фитна катталашиб кетади. Охири ушбу сура нозил бўлиб, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади.
Ислом душманлари мусулмонлар бирлигига футур етказмоқ ва уларнинг ахлоқий-маънавий ҳаётларини бузмоқ учун ҳаракат қилдилар. Бу икки масала ниҳоятда нозик масала эди. Айниқса иккинчи масалада, хусусан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига, у зотнинг энг яқин соҳиблари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва у кишининг қизлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари Ойиша онамиз шахсларига катта бўҳтон бор эди.
Нур сураси ана шундай масалаларни муолажа этиш учун нозил қилинди.
Мадинада нозил бўлган бошқа суралар каби, Нур сураси ҳам шариат аҳкомларига, одоб-ахлоқла Ислом жамияти қуриш ва уни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор беради.
Нур сурасида яна мўмин-мусулмонларнинг шахсий ва ўзаро муомалалардаги одоблари, бошқаларнинг турар жойларига изн сўраб кириш, кўзини номаҳрамлардан тийиш, зинодан сақланиш, номаҳрамларнинг бир-бирлари билан аралашмаслиги каби масалалар хусусида сўз кетади. Шунингдек, мусулмон оила учун зарур бўлган иффат, поклик, шариатда мустақийм бўлиш ҳақида гапирилади. Ички низолар ва ахлоқий бузуқликлардан қайтарилади.
Бу сурада шариатда жорий қилинган баъзи жазолар ҳам зикр этилади. Зинокорлик, бировни зинода айблаш каби жиноятларнинг жазоси баён қилинади.
Ушбу сурада оила масаласига кўпроқ эътибор берилгани учун ҳам Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Куфа аҳлига ёзган мактубларида «Аёлларингизга Нур сурасини ўргатинглар», деганлар.
Суранинг аввалида унда нималар борлиги ҳақда қисқача хабар берилади. Кейин эса, зино нима, унинг жазоси нимадан иборат, деган саволларга жавоб қилинади, зинокор билан мусулмонлар жамоаси ўртасида ҳеч қандай алоқа бўлиши мумкин эмаслиги баён этилади.
Сўнгра бировни зинода айблашнинг жазоси қандай бўлиши, бундан эру хотин мустасно экани, шунинг учун уларга «мулоъана» деб номланган чора қўлланиши сўзланади.
Сўнгра эса, ифк–бўҳтон ҳодисаси ва унга алоқадор масалалар келади.
Зино ва унга оид масалалар баён қилиниб бўлгач, бу жиноятнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўриш лозимлиги ҳақида сўз кетади. Уй-жойлардаги одоб қандай бўлиши керак, изн сўраб кириш қандай йўлга қўйилиши лозим, кўзни номаҳрамлардан тийиш, зийнатни номаҳрамларга кўрсатмаслик, турмуш қурмаганларни уйлаб қўйиш, аёл-қизларни фоҳиша ишга ундашдан қайтариш каби масалалар муолажа қилинади.
Кейин эса, сурада зикр этилган одоблар Аллоҳнинг нури билан боғлиқ эканлиги айтилиб, пок оилаларнинг васфи келтирилади. Шунингдек, кофирларнинг амаллари сароб эканлиги баён қилинади. Аллоҳ таолонинг нури бутун борлиқни ва ундаги нарсаларни қоплаб олгани ҳақида сўз кетади.
Шундан сўнг мунофиқлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш, у зотнинг ҳукми билан иш юритиш одобларига хилоф қилганлари, мўмин - мусулмонларнинг эса, бу хусусда ихлос ила амал қилишлари баён этилади. Бу ихлослари учун уларни ер юзида халифа қилишга, динларига имкон яратишга ва кофирлар устидан нусрат беришга ваъда қилинади.
Суранинг охирларига келиб, оила, қариндош-уруғ ва ёру биродарлар орасидаги борди-келдилар, зиёфат чоғларида ўзни қандай тутиш кераклиги, мусулмон жамоасининг раҳнамолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатадиган ҳурмат ва одоблари баён қилинади.
Ва ниҳоят, Аллоҳ таоло осмонлару ернинг молики эканлиги, одамларнинг воқеълигини билиб туриши, уларнинг охир-оқибат Аллоҳга қайтишлари, ҳисоб-китоб бўлиши  яна бир бор эслатиб қўйилади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

1. (Бу бир) сурадир. Биз уни нозил қилдик. Биз уни фарз қилдик. Биз унда очиқ-ойдин оятларни нозил қилдик. Шоядки эсласангиз.
«Сура» сўзи қўрғон маъносидаги арабча «сур» сўзидан олинган бўлиб, Қуръон оятларининг маълум бошланиш ва тугашга эга бўлган, қўрғон каби ажратилган тўпига айтилади.
Аллоҳ таоло ушбу суранинг бошида алоҳида таъкидлаб:
«(Бу бир) сурадир. Биз уни нозил қилдик», демоқда.
Яъни, ушбу сурани Биз ўзимиз нозил қилдик. Биздан ўзга ҳеч ким туширгани йўқ. Шунинг учун унга алоҳида эътибор билан қаранглар, демоқда.
«Биз уни фарз қилдик».
Яъни, ушбу сурадаги ҳукмларга, кўрсатмаларга амал қилишни бандаларга Биз фарз қилдик. Бу суннат ҳам эмас, оддий бир тавсия ҳам эмас, балки фарздир. Фарз эса, банда қилиши мажбурий бўлган амрдир.
«Биз унда очиқ-ойдин оятларни нозил қилдик».
Биз ўша сурада очиқ-ойдин оятларни туширдик уларнинг ҳаммаси равшан, ҳеч бир ноаниқлик йўқ.
«Шоядки эсласангиз».
Тушуниб етсангиз ва тўлиқ амал қилсангиз.
Эътиборни жалб қилувчи ушбу муқаддимадан сўнг, асосий мавзуга ўтилади:

2. Зинокор аёл ва зинокор эркак, икковларидан ҳар бирини юз даррадан уринг. Агар сиз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган бўлсангиз, сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин. Ва уларнинг азобига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар.
Ушбу оятда зикр қилинган юз дарра уриш жазоси оила қурмаганлар учун тайин этилгандир. Яъни, никоҳда бўлмай, эр-хотинлик ҳаётини таниб олмаган кишилар зино қилсалар, ушбу оятнинг ҳукмига биноан уларга юз даррадан урилади.
Зино шариатда қуйидагича таърифланади: «Зино - эр кишининг ўз никоҳида бўлмаган аёл билан жинсий алоқа қилишидир». Худди шу маънода зино барча жамиятларда ахлоқий жиҳатдан разилат, диний жиҳатдан гуноҳ, ижтимоий жиҳатдан номуссизлик саналади. Бу умумий қоидадан фақат инсонийлигини йўқотган жамиятларгина четга чиққанлар. Чунки соф инсоний табиат ҳеч қачон зинони яхшилик сифатида қабул қила олмайди. Чунки инсониятнинг боқий қолиши, камол топиши учун эркак билан аёлнинг ўртасидаги алоқа доимий ва мустаҳкам аҳду вафо, жамият томонидан кафолатланган аҳду паймон асосида бўлиши керак. Шундай бўлмаса, наслу насаб поклиги ҳам, ота-болалик туйғуси ҳам, оила ҳам, жамият ҳам қолмайди. Инсоният таназзулга юз тутади. Зино поклик ва олиймақомликни йўққа чиқарадиган амалдир. Шунинг учун ҳам ҳамма халқлар, ҳамма динлар, ҳамма жамиятлар зинони қоралаганлар.
Шу билан бирга, айрим халқлар, динлар, қонунлар зино жазога лойиқми, йўқми деган масалада ихтилоф қилганлар. Инсоний табиати бузилмаган жамиятлар зинони ҳеч иккиланмай, жазога лойиқ иш, деб баҳолаб келганлар. Табиати бузуқ, маънавий покликдан кўра шаҳватга кўпроқ интиладиган жамиятларда эса, зинони аввало иккига бўлишди.
Биринчиси: оддий зино, яъни, эрсиз аёл билан жинсий алоқада бўлиш. Бу зинога эътиборсиз қарашган. Жуда борса, жарима солиш билан чекланганлар.
Иккинчиси: эри бор хотин билан жинсий алоқа қилиш. Бу хилдаги зинони «турмуш ўртоғига хиёнат қилиш» деб аташади. «Хиёнат» қилганларга турли жазолар тайин ҳам этилган. Масалан, қадимги мисрликлар эркакни таёқ билан қаттиқ калтаклашган, хотинни эса, бурнини кесишган.
Ҳиндлар зинокор аёлни итларга егизишган, эркакни қиздирилган темир сўрига ётқизиб туриб, атрофидан олов ёқишган.
Рим қонунлари бўйича қадимда зинокорларнинг мол-мулки мусодара этилган, кейинроқ ўлим жазосига ҳукм қилинган, сўнгра умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилган ва ҳоказолар.
Яҳудийларда зинокор ўлимга ҳукм этилган.
Масиҳийларда эса, «оддий» зинога жазо йўқ. Яъни, оилали бўлмаган одам зино қилса, жазо берилмаган. Аммо оилали киши зино қилса, турмуш ўртоғига хиёнат қилгани учун жазоланган. Агар зинокор эр устидан хотин маҳкамага арз қилса, хоҳласалар, уларни ажратиб қўйишган. Аммо эр маҳкамага арз қилиб, ўзига хиёнат қилган хотинидан ажрашиши ва хотини билан зино қилган эркакдан жарима олиши мумкин. Энг қизиғи шуки, зино хусусида маҳкамага арз қилиб ажрашган эр ҳам, хотин ҳам кейин янги турмуш қуриши мумкин эмас.
Ҳозирги кунда зинога оид барча қонунлар масиҳийликдаги мана шу қоидага асосланган. Зино қораланса ҳам, у жиноят ҳисобланмайди, жазо белгиланмайди. Чунки мантиқсиз фалсафага биноан икки тарафнинг розилиги билан бўлган зино жиноят ҳисобланмас экан. Фақат зўрлаш, розилигини олмасдан туриб, куч ишлатиб зино қилишгина жиноят ҳисобланар эмиш.
Бугунги кунда зино кенг тарқалиб, унинг касофати ҳаммаёқни босиб кетгани ҳам шундан.
Исломда эса, мазкур қонун-қоидаларнинг акси ўлароқ, зино улкан жиноят ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу жиноят оила кўрган кишилар томонидан содир этилса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига биноан, тошбўрон қилиб ўлдирилади. Бу жазолар турмуш ўртоғига хиёнат қилгани ёки бировнинг номусини поймол этгани учун эмас, балки ҳалол йўл билан қондириши мумкин бўлган шаҳватини ҳаром йўл билан қондиргани учун берилади.
Агар одамларга шаҳватларини тартибсиз равишда, хоҳлаган йўл билан қондираверишларига ижозат берилса, тезда инсоният ва унинг маданияти, маънавияти ҳалокатга учрайди. Агар инсон оилавий ҳаётнинг масъулияти, оғирликлари ва машаққатларини бўйнига олмасдан, фақат шаҳватини қондиришга ҳаракат қиладиган бўлса, ундан ҳеч қачон бола тарбиялашда, оила ва жамиятда бирор фойдали ишни кутиб бўлмайди. Бундай кишилар бир лаҳзалик шаҳватини қондириш учун ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёрдирлар. Шунинг учун ҳам улар ҳар қандай оғир жазога лойиқ.
Исломда жиноятлар икки хил–банданинг ҳақига ёки Худонинг ҳақига қилинган жиноят, деб эътибор қилинади, лекин зино ҳам банданинг ҳақига, ҳам Худонинг ҳақига жиноят ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг давомида зинокорларга нисбатан муросасиз бўлишга чорлайди.
«Агар сиз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган бўлсангиз, сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин. Ва уларнинг азобига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар».
Зинокорларга нисбатан жазони тўлиғича жорий этишга Аллоҳ таоло Ўзига ва қиёмат кунига бўлган иймонни шарт қилиб қўймоқда. Яъни, агар Аллоҳга ва охират кунига иймонингиз бўлса, зинокорларга тайин қилинган жазони жорий этасиз ва уларга шафқат қилмайсиз, жазосиз қўймайсиз, деганидир. Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, оятда «сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин», дейилмоқда. Мусулмонларга қилинаётган мурожаатда зинокорларга жазони жорий этишлик «Аллоҳнинг дини» деб айтилмоқда. Ҳа, Аллоҳнинг дини, баъзи нобакорлар айтганидек, ҳар бир кишининг қалбидаги туйғу эмас ёки намоз, рўза, худойи каби ибодат ва маросимларгина эмас. Балки шариат чегарасидан чиққанларни жазога тортиш ҳам Аллоҳнинг динидир. Жумладан, зинокорларга шариатда белгиланган жазони ижро этиш–оиласиз зинокорларга юз дарра уриш, оила кўрганларини эса, тошбўрон қилиб ўлдириш ҳам Аллоҳнинг динидир. Бу гаплар қандайдир бир банданинг фикри ёки чиқарган фармони эмас, Аллоҳ таолонинг Қуръонда айтган очиқ-ойдин амридир.
«Уларнинг азобига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар».
Чунки бу ҳол бошқаларга ҳам ибрат бўлади. Агар зинокорга дарра урилса, унинг ўзи ҳам, жазолашга гувоҳ бўлганлар ҳам ибрат олиб, бу ишга асло яқин келмайдилар. Агар зинокор тошбўрон қилинса, гувоҳлар ибрат олади, бошқаларга айтиб берадилар ва эшитганлар ҳам ибрат оладилар.
Шу билан бирга, зинокорларни жазолаш халқ тафтиши остида бўлади. Йўқса, ҳукмдорлар, қамоқхона ичида дарра урдик ёки тошбўрон қилдик, деб ёлғон ахборот бериб, айбдорларни жазоламай қўйишлари ҳам мумкин.
Ислом душманлари бу чораларни ўта шафқатсиз, инсонни ва унинг ҳурриятини хорловчи чоралар, деб баҳолайдилар ва туҳмат тошларини отадилар. Аввало, улар ўзлари зинога берилган, шаҳватини ҳамма нарсадан устун қўядиган одамлардир. Қолаверса, улар ҳамма нарсани ўз қаричлари билан ўлчайдилар. Исломнинг зинога бўлган муносабатини фақат тошбўрондан иборат деб тасаввур қиладилар. Лекин Ислом мусулмон жамиятида зино содир бўлмаслиги учун барча чораларни кўргани, шаҳватни ҳалол йўл билан қондиришнинг ҳамма йўлларини осонлаштириб қўйгани, зинокорга нисбатан жазони қандай ҳолатларда жорий қилиши каби кўплаб масалалар ҳақида умуман ҳеч нарса билмайдилар. Ислом душманлари ўз шароитлари ва тошбўронни кўз олдиларига келтирадилар, холос. Уларнинг орасидан зино қилмаган одамни топиш қийин. Шунинг учун ҳам улар Ислом жорий қилинса, ҳамма тошбўрон остида ўлиб кетиши керак, деб ўйлайдилар.
Лекин аслида шундайми? Йўқ, Ислом инсон ҳурриятини поймол қилмайди. Аксинча, қадрлайди. Шунингдек, бузғунчиликни ҳуррият деб эмас, ўз номи билан бузғунчилик деб атайди. Зино барча халқлар, динлар, тузумларда бузғунчилик сифатида баҳоланиши олдин ҳам айтиб ўтилди. Қадимдан ҳамма бузғунчилик деб келаётган ишни ҳуррият деб аташ мумкинми?! Инсон шахсига, соғлиғига, ахлоқ-одобига, оиласига, наслига, жамиятига битмас-туганмас зарар келтирадиган нарсани ҳуррият деб атаб бўладими?!
Ислом зинога қарши муросасиз чораларни кўриб қўйган. Бунда, энг аввало, инсонларни ёшликдан Аллоҳдан қўрқиш, қиёмат куни масъулиятини ҳис этиш, ҳалол-пок яшаш руҳида тарбиялайди. Қолаверса, зино ҳаром иш, катта жиноят эканига урғу бериб, ҳар бир одам фарзандини ундан узоқда бўлишга даъват қилади.
Ислом эркак ва аёлларга шаҳватларини қондиришнинг ҳалол йўли бўлган никоҳни қаттиқ тарғиб қилади ва унинг рўпарасидаги ҳар қандай тўсиқларни олиб ташлайди, осонлик билан никоҳли бўлиш йўлларини тайёрлайди. Ҳаттоки, қул ва чўриларнинг ҳам никоҳсиз юрмасликларига алоҳида эътибор беради.
Шу билан бирга, Ислом зинога олиб борадиган барча йўлларни беркитади. Мисол учун, аёлларни очиқ-сочиқ ҳолда юриб, жамоли ва қомати билан эркакларнинг шаҳватини қўзғатмасликка буюради. Номаҳрам эркак ва аёлларнинг аралаш-қуралаш бўлиб юришларини ман қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, агар бир номаҳрам эркак ва хотин ёлғиз қолсалар, учинчилари шайтон бўлади, деганлар. Яъни, уларни йўлдан уриб, зинога бошлаши мумкин. Шунингдек, Исломда эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам номаҳрамларга шаҳват назари ила қарашлари ҳаром қилинган. Бинобарин, фаҳш гап-сўзлар, ҳикоялар ва қиссалар ҳам ман этилгандир.
Шунча омилларни босиб ўтиб, яна зинога юришни ўзига эп кўрган инсоннинг инсонлиги қоладими? Унинг боридан йўғи яхши эмасми?! Бундай одамлар инсоният танасига тушган қорасон касалига ўхшайди. Улар аста-секин танани ҳалокатга олиб боришлари аниқ-ку! Бутун танани ҳалок қилгандан кўра, қорасон касали теккан аъзонинг ўзини кесиб ташлаган маъқул эмасми?
Албатта, ана шундай қилган маъқулдир.
Ислом дини келган вақтда жоҳилият жамиятида зино кенг тарқалган эди. Унинг турли кўринишлари бор эди. Ҳаттоки бузуқ аёллар уйларига байроқ тикиб қўйиб, зинокорларни жалб қилишгача бориб етган эдилар. Ислом бошқа иллатлар каби бу иллатни ҳам аста-секинлик билан муолажа қилди. Аввал зинонинг ёмон амал экани тушунтирилди. Кейин Нисо сурасидаги «Аёлларингиздан фоҳиша ишни қилганларига ўзингиздан тўрт кишини шоҳид қилинг. Бас, агар шоҳидлик берсалар, уларни ўлгунларича ёки Аллоҳ бир йўл қилгунча уйларда ушлаб туринг», оятига биноан аёлларни уйга қамаб қўйиш жорий қилинди. Эркакларга нисбатан эса, «Сизлардан у (зино)ни қилган иккисига озор беринг» оятига биноан таъзир бериладиган бўлди.
Ниҳоят, олтинчи ҳижрий санада биз ўрганаётган ушбу оятлар нозил бўлиб, ҳамма нарса ўз ўрнига қўйилди. Аввал айтиб ўтилганидек, бу оятда белгиланган жазолар тўлақонли, тўғри никоҳда бўлмаганлар учун қўлланилади. Шариатда бундай жазоларни «ҳадд» дейилади.
Оила қурган, никоҳда бўлган эркак ва аёллар араб тилида «муҳсан» деб аталади, улардан зино қилганларни тошбўрон қилиш жазоси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпгина ҳадисларида никоҳда бўлиб, оилавий турмуш қурган кишилар томонидан зино собит бўлса, уларни тошбўрон қилишга ҳукм чиқарганлари, ҳукмнинг ижросида ўзлари ҳам иштирок этганлари айтиб ўтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин саҳобалар ва мусулмонларнинг барча авлодлари бу ҳукмга оғишмай амал қилиб келганлар. Бу ҳақдаги ҳадислар ва қиссалар ўрни билан зикр қилинади.
Энди фиқҳ олимларимиз шаръий қонун бўйича зинони қандай тушунтиришларини ўрганайлик. Ҳанафий мазҳаби олимлари зинони қуйидагича таърифлайдилар: «Бир эр киши аёл кишини шаръий ақдсиз, эгалик ҳақисиз ва бу икки нарсанинг шубҳаси бўлмай туриб, олд томонидан яқинлик қилиши зинодир».
Бу таърифга биноан орқа томондан яқинлашса, зино бўлмайди. У ишни қилган одамга жазо берилади-ю, аммо тошбўронга тутилмайди. Шунингдек, шаръий ақд-никоҳнинг шубҳаси билан, мисол учун, нотўғри никоҳ ила яқинлик қилса ҳам, тошбўрондан бошқа жазога тортилади. «Эгалик ҳақи» эса, эски вақтлардаги чўри тутишга тегишли. Хожа чўрисидан хотин ўрнида фойдаланишга ҳақи бор. Аммо эгалик ҳақи шубҳаси билан, яъни, кимдир ўғлининг чўрисини ўзиники деб ўйлаб яқинлик қилган бўлса, нотўғри ҳисобланади, лекин шубҳа борлиги учун тошбўрон қилинмайди.
Шаръий қонунга биноан юз дарра уриш ёки тошбўрон қилиш жазоси кимларга нисбатан қўлланилади? Бир одамнинг бегона аёл билан турганини, ўтирганини ёки ётганини эшитибоқ олиб бориб уларга дарра урила бериладими ёки уларни тошбўрон қилинадими? Йўқ, албатта. Шаръий жиҳатдан зино жинояти собит бўлиши учун бир қанча шартлар бор. Жумладан, жиноят қилганликда айбланаётган шахсда маълум бир сифатлар кўрилиши ҳам керак.
Мусулмон, балоғатга етган, ақлли ва ҳур кишилар зино қилсагина, жазога тортилади. Мусулмон бўлмаганларнинг исломий жазога тортилиши ҳанафий мазҳаб уламолари наздида мумкин эмас. Шунингдек, балоғатга етмаганлар ҳам жазоланмайдилар. Ақли йўқ, жинни кишилар ҳам. Ҳур бўлмаган қул кишилар ҳам.
Булар дарра уриш ҳақидаги шартлар. Тошбўрон қилиш учун эса, юқоридаги шартлардан ташқари зинокор одам тўғри никоҳ ила уйланган ва эр-хотин сифатида ҳаёт кечирган бўлиши керак. Никоҳ ўқитган-у, бирга яшамай, ажрашиб кетган бўлса ҳам, тошбўрон қилинмайди.
Демак, ҳаром йўл билан содир этилган жинсий яқинлик шаръий-қонуний таърифга тўғри келгандагина зино ҳисобланиб, уни содир этган шахс уйланмаган бўлса, юз дарра уриш, уйланган бўлса, тошбўрон жазосига тортилади. Шу ўринда, жинсий жиноят қилган-у, аммо таърифга мос келмайдиган бўлса, нима қилинади, деган савол туғилади.
Бундай ҳолатларда таъзир берилади. Яъни, ҳар бир замоннинг мусулмон ҳокими шароитга, мавжуд ҳолатга қараб, таъзирли жазо белгилайди. Агар дарра уриш билан таъзир бермоқчи бўлса, ўн даррадан оз бўлиши керак. Чунки Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн даррадан кўп урилмайди. Магар Аллоҳнинг ҳадди (белгилаган жазоси) бўлсагина урилади», деганлар. Таъзир банда томонидан белгиланадиган жазо бўлгани учун ўн даррадан ошмаслиги керак.
Шунингдек, зинога белгиланган жазо бу жиноятни ихтиёрий равишда содир этган шахсга нисбатан қўлланилади. Зўрланган аёлга жазо берилмайди. Исломда умуман мажбур қилиш орқали содир этилган жиноятлар узрли ҳисобланади.
Имом Термизий Воил ибн Ҳажардан қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бир аёл намозга келаётганида, бир эркак йўлини тўсиб, уни зўрлади. Хотин дод солди. Эркак қочиб кетди. Бир гуруҳ муҳожирлар етиб келишган эди, аёл, анави одам мени ундай қилди, бундай қилди, деб айтиб берди. Эркакни тутиб келтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлга: «Сен кетавер, Аллоҳ сени мағфират қилди», дедилар. Уни зўрлаган эркакни эса, тошбўрон қилишга буюрдилар».
Бошқа жазо чоралари қатори, зинокорларни жазолаш ҳам Ислом давлати томонидан жорий қилинади. Бунинг учун эса, зино жинояти юқорида зикр этилган шартларни мужассам қилган шахслар томонидан собит бўлиши керак. Зино эса, зинокорнинг иқрор бўлиши ёки тўртта мусулмон одил эркак шахсларнинг гувоҳлик бериши билан собит бўлади. Зинокорнинг иқрори–зино қилганини очиқ-ойдин ибора билан айтмоғидир. Яна у ўзига ҳаром бўлган аёл билан билиб туриб жинсий алоқа қилганини эътироф этиши керак. Унга биров таъсир ўтказмаган, мажбур қилмаган, ақлу ҳуши жойида бўлиши керак. Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу ва бошқа баъзи уламолар зинокорнинг иқрори тўрт марта бўлиши керак, дерлар. Зинокор олдин иқрор бўлиб туриб, кейин иқроридан қайтса ҳам, унга жазо қўлланмайди.
Бу масалада энг машҳур ҳодиса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлиб ўтган Моъиз ибн Молик ал-Асламий ҳодисасидир. Бу ҳодиса барча ҳадис, тафсир ва тарих китобларимизда келтирилгандир. Ҳодисанинг хулосаси қуйидагича:
Моъиз ал-Асламий Ҳуззол ибн Нуъайм исмли киши қарамоғидаги етим йигит эди. Ўша жойдаги бир чўри қиз билан зино қилиб қўйди. Ҳуззол уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб, қилган ишини ўзи айтиб беришга буюрди. Шояд бунинг учун истиғфор айтсалар, деб ўйлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирган эдилар, Моъиз олдиларига келди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, таъкидлаб айтаманки, мен зино қилдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгирдилар ва:
«Шўринг қурсин! Ортингга қайт! Аллоҳга истиғфор айтиб тавба қил», дедилар. У эса, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам рўбарўларига ўтиб:
«Таъкидлаб айтаманки, мен зино қилдим», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан яна юзларини ўгириб олдилар. У эса, яна рўбарўларига ўтиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени покланг! Мен зино қилдим», деди. Унга Абу Бакр Сиддиқ:
«Агар тўртинчи бор иқрор бўлсанг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени, албатта, тошбўрон қиладилар», деди. Аммо у ўз гапида туриб олди:
«Эй Аллоҳнинг Расули, шубҳасиз, мен зино қилдим, мени поклаб қўйинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Эҳтимол ўпгандирсан, қучоқлагандирсан ёки қарагандирсан?» дедилар. У:
«Йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У билан бирга ётдингми?» деб сўрадилар. У:
«Ҳа», деди. У зот:
«Унга яқинлик қилдингми?» дедилар. У:
«Ҳа», деб жавоб қайтарди. У зот:
«Уни ўзингга жамладингми?» деб сўрадилар. У яна:
«Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат жинсий яқинликка ишлатиладиган иборани қўлладилар. Бошқа ҳеч ерда, ҳеч қачон бу иборани ишлатмаган эдилар. Чунки бировнинг ўлимига ҳукм чиқариш осон эмас эди. У эса, ўша саволга ҳам:
«Ҳа», деб жавоб берди. У зот:
«Сурма чўпи сурмадонга кирганга ўхшаб-а?» дедилар. У:
«Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан:
«Зинони биласанми ўзинг?» деб сўрадилар. У:
«Ҳа, биланман, мен унга ҳаром алоқа қилдим, эркак ўз хотини билан қилса ҳалол бўладиган алоқани қилдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Никоҳда бўлганмисан?», дедилар. У:
«Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофидаги саҳобалардан:
«Бу ўзи жинни эмасми?» деб сўрадилар. Улар унинг мажнун эмаслиги ҳақида хабар бердилар. Сўнгра:
«Ароқ ичганинг йўқми?» деб сўрадилар. Шунда бир одам туриб бориб, унинг оғзини ҳидлаб кўрди. Ундан ароқ ҳиди ҳам келмади. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳуззолга:
«Агар буни беркитганингда ўзингга яхши бўлар эди», дедилар. Сўнгра тошбўрон қилишга амр этдилар. Мадинанинг ташқарисида тошбўрон қилинди. У тошбўроннинг аламини тотганда бақира бошлади:
«Эй қавм, мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайтариб олиб боринглар! Мени қавмим ҳалок қилди, алдашди, мени Расулуллоҳ қатл қилмасликларини айтишган эди!» деди. Лекин одамлар уни то ўлгунича тошбўрон қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у тошбўрон аламидан додлаб, ўлимдан қочгани зикр қилинганида, у зот:
«Қўйиб юборсангиз, Аллоҳга тавба қилса, тавбаси қабул бўлармиди», дедилар.
Иккинчи қисса Ғомидиййа қиссаси номи билан машҳур бўлган қиссадир.
Ғомидиййа қабиласидан бир аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени покланг!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Шўринг қурсин! Ортингга қайт! Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қил!» дедилар. У:
«Моъиз ибн Моликни қайтарганга ўхшаб мени ҳам қайтармоқчимисиз?! Зинодан ҳомиладор бўлган аёлни-я?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сен-а?!» дедилар. У:
«Ҳа!» деди. У зинодан ҳомиладор бўлгани учун Моъизга ўхшатиб узоқ саволга тутмадилар-да:
«Туққунингча бориб тур», дедилар. Туққандан сўнг, аёл боласини кўтариб яна келди. Яна ўзини тошбўрон этилишини талаб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Боравер, болангни эмиз, сутдан ажратгунингча юриб тур», дедилар. Боласини сутдан ажратгандан сўнг, яна келди. Боласининг қўлига бир бурда нон бериб қўйган эди. У:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мана, уни сутдан ажратдим. Ўзи овқатланадиган бўлди. Энди мени покланг!» деди. У зот болани бошқа бир одамга топширдилар ва аёлни тошбўрон қилишга амр қилдилар. Кўкрагигача чуқурга кўмиб, сўнгра тошбўрон қилинди.
Бу ҳодисалар кўрсатиб турибдики, ҳақиқий мусулмон киши, баъзида ожизлик қилиб, гуноҳ содир этса ҳам, ўзига келганда, гуноҳини ювиш учун ҳар нарсага, ҳатто ўлимга ҳам рози бўлади. Чунки жиноятчига шаръий жазо берилса, гуноҳи ювилади. Ўша ғомидиййалик аёлни тошбўрон қилинаётганида қони сачраб, кимгадир тегади ва ўша одам аёлни сўкади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша одамга:
«Уни сўкма, у бир тавба қилдики, агар унинг тавбасини ер юзидаги барча одамларга бўлиб берса, етади», деганлар.
Имом Абу Довуд Бурайда ал-Асламий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Биз Расулуллоҳнинг саҳобалари ғомидиййалик аёл билан Моъиз ибн Молик эътирофларидан қайтганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ортидан куткиламас эдилар, деб юрардик», дейилган.
Дарҳақиқат, шунга ўхшаш ҳодисалар ҳам бўлган.
Имом Муслим, имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан  қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен шаҳарнинг четида бир аёл билан бирга бўлдим, у билан жинсий алоқа қилмадим-у, бошқасини қилдим. Мана, мен турибман, нима қилсангиз, майли», деди. Умар розияллоҳу анҳу унга:
«Аллоҳ сени беркитибди, сен ҳам ўзингни беркитганингда эди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга ҳеч нарса демадилар. У ўрнидан туриб жўнаб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ортидан бир кишини юбордилар. У бориб, ҳалиги одамни чақирди-да, унга:
«Наҳорнинг икки тарафида ва кечанинг бир қисмида намозни тўкис адо эт. Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказур. Бу эсловчилар учун эслатмадир», оятини ўқиб берди. У ердаги одамлардан бири:
«Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, бу унинг ўзига хосми?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ! Барча одамларга», дедилар.
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр этилади:
«Бир одам келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳаддга (зино жазосига) лойиқ иш қилдим. Уни менга жорий қилинг», деди. У зот ундан у нима эканини сўрамадилар. Намоз вақти бўлди. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлганларидан сўнг, ҳалиги одам ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳаддга лойиқ иш қилдим, менга Аллоҳнинг ҳукмини жорий этинг», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Биз билан намоз ўқидингми?» дедилар. У:
«Ҳа», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, Аллоҳ сенинг гуноҳингни мағфират қилди», дедилар.
Ушбу ҳадисларда зинокор ўзининг жиноятига иқрор бўлганда, ундан, шеригинг ким эди, деб сўралмаганига эътибор қилиш керак. Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, зино қилганини ўзи эътироф этиб келганида, сўраб-суриштириб, уларга жазо берилмоқда, аммо зинони ким билан қилдинг, деб сўралгани йўқ. Бу ҳол зинокорни излаб топишга, текширишга амр қилинмаганини кўрсатади.
Агар мабодо зинокор шеригини айтса ҳам, уни дарҳол олиб келиб, жазога тортавермайдилар, балки ундан ҳам сўраб-суриштирилади. Агар иқрор бўлса, жазога тортилади. Иқрор бўлмаса, қўйиб юборилади.
Имом Аҳмад ва имом Абу Довудлар Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳодиса шу масалани акс эттирган:
«Бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, зино қилганини ва аёлнинг номини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам юбориб, аёлни чақиртириб келдилар ва ундан эркак айтган иш ҳақида сўрадилар. Аёл инкор қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакни жазога тортдилар ва аёлни қўйиб юбордилар».
Зино собит бўлишининг иккинчи йўли тўртта одил, мусулмон, ҳур эркак кишининг бир жойда, бир хилда гувоҳлик бериши билан бўлади.
Гувоҳлар гувоҳлик берганидан сўнг, уларнинг шахслари текшириб кўрилади. Агар улар одил бўлмасалар, яъни, шариат ишларида камчиликка йўл қўйган, ёлғон гапирган, аввалги берган гувоҳлиги ёлғон чиққан бўлса, гувоҳликлари қабул қилинмайди.
Шунингдек, гувоҳлар эркак билан аёл ўша ишни қилиб турганларини бирдек аниқ кўрган бўлишлари керак. Зино бўлган жой, вақт ҳақидаги гаплари ҳам бир хил чиқиши лозим. Бўлмаса, зино собит бўлмайди.
Шу билан бирга, эри йўқ аёл ҳомиладор бўлиб қолса ҳам, зино қилган деб ҳисобланмайди. Унга дарра урилмайди, тошбўрон ҳам қилинмайди. Модомики ўзи иқрор бўлмаса ёки гувоҳлик ила исбот қилинмаса, уни зинокор дейишга изн йўқ. Гарчи эрсиз аёлнинг ҳомиладор бўлишининг ўзи кучли далил бўлса ҳам, лекин мингдан бир эҳтимол билан унинг бачадонига нутфа зинодан эмас, бошқа сабабдан тушиб қолганлиги гумони устун қўйилади.
Бу хил масалаларда шариатнинг умумий қоидалари шундай.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаддларни (шаръий жазоларни) шубҳали бўлса, қайтаринглар», деганлар.
Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: «Иложи борича мусулмонлардан ҳаддларни қайтаринглар. Бирор йўли топилса, қўйиб юборинглар. Албатта, имом (ҳоким)нинг адашиб афв қилиши адашиб жазо беришидан кўра яхшироқдир», деганлар.
Ўтган ҳодисаларни ўрганиш жараёнида зинокорни тошбўрон қилиш ҳақида тасаввур ҳосил бўлди. Кўпчилик бўлиб, эркак кишини ўртача тошлар билан тошбўрон қиладилар, аёл кишини эса, аввал кўкрагигача чуқурга кўмиб туриб, сўнгра тошбўрон қиладилар.
Энди дарра урушга келсак, аввало, дарра теридан ясалган бўлиши керак. Қолаверса, ўта қаттиқ ҳам, ўта юмшоқ ҳам бўлмаслиги лозим. Урганда алам-оғриқ берсин-у, аммо урилаётган шахснинг аъзосига зарар етказмасин. Зотан, дарра уришдан мақсад уни жазолашдир, ўлдириш ёки майиб қилиш эмас. Шунингдек, дарра тугилган ё учлари ажратилиб, аламни зиёда қиладиган бўлмаслиги керак. Урувчи одам ўртача зарба бериши лозим. Жуда қаттиқ ҳам эмас, жуда секин ҳам эмас. Шунингдек, бир жойга такрор-такрор урмайди, балки тарқатиб, ёйиб уради. Юзга, аврат жойга уриш мумкин эмас, бошга ҳам.
Эркак жиноятчи тик турғазиб, аёл ўтқазиб, дарра урилади. Эркак кишининг қалин кийимлари ечилади. Аёл кишининг қалин кийимлари ечилмайди. Дарра жуда иссиқ ёки жуда совуқ пайтда урилмайди. Шунингдек, жиноятчи боғланиб ёки чўзилтириб қўйилмайди. Баъзи фуқаҳолар юз даррани йигирма даррадан бўлиб-бўлиб, беш кунда урса ҳам бўлади, деганлар. Ҳазрати Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) эллик даррадан икки кун урса, етарли, деганлар.
Дарра уриш жоҳил, қўпол кишиларга топширилмайди. Балки аҳли илм, шариат ҳукмларини яхши биладиган одамларга топширилади.
Агар жиноятчи бемор бўлса, тузалгунча кутиб турилади. Агар у тузалмайдиган касал бўлса ёки ўта қари одам бўлса, юзта гавронни бир боғ қилиб, бир марта урилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида шундай қилинган. Ҳомиладор ёки эмизикли аёллларни жазолаш боласини туғиб, кўкракдан ажратгунча ортга сурилишини юқорида кўриб ўтдик.
Агар зино гувоҳлик бериш билан исботланиб, жиноятчи тошбўрон қилинадиган бўлса, биринчи тошни гувоҳлар отадилар. Гувоҳсиз, фақат иқрор билан собит бўлган бўлса, биринчи тошни ҳукм чиқарган қози отади.
Шариат бўйича, жиноятчиларни жазолаш шундай. Энди шариат душманлари жиноятчиларни қандай жазолаяптилар, ўзлари биладилар.
Тошбўрон қилиб ўлдирилган зинокор барча мусулмонлар каби ювилиб, кафанланиб, жанозаси ўқилиб, мусулмонлар қабристонига кўмилади. Мазкур Моъиз ибн Молик ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши гап айтганлар, жанозасини ўқиганлар ва: «Моъиз ибн Молик учун истиғфор айтинглар, у бир умматга тақсимласа етадиган тавба қилди», деганлар.
Ўзининг маҳрамлари билан зино қилган одамни ҳукумат қаттиқ таъқиб қилади. Имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу: «Бундай кишиларга зинокорнинг жазоси берилади. Агар маҳрамини никоҳлаб олган бўлса, аламли азоб-ла азобланади», деганлар.
Кези келганда, зинодан бошқа жинсий жиноятлар ҳақида ҳам бир-икки оғиз сўз айтайлик.
Эркак киши билан эркак кишининг жинсий алоқада бўлиши «ливота» дейилади. Бу иш энг ёмон гуноҳлардан эканлиги Қуръони Каримда бир неча бор такрорланган. Лут алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб борган қавм бу амалга ўч бўлган, Алллоҳ таоло уларни ҳалок қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жиноятга қаттиқ қарши турганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу амални қилган одам ким бўлишидан қатъи назар, уйланганми-уйланмаганми, иккисини ҳам ўлдиришга буюрганлар. Саҳобаи киромлар эса, бу жинояткорларни қандай ўлдириш тўғрисида турли ижтиҳодлар қилганлар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уларни қилич билан чопиб ўлдириб, жасадини куйдириб юборишни айтганлар. Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмонлар (розийаллоҳу анҳумо) эса, эски бинонинг тагига ётқизиб туриб, устидан деворни йиқитиб ўлдириш керак, дерлар. Ҳазрати Абдулоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, юртидаги энг баланд жойдан бошини ерга қилиб ташлаб, кейин тошбўронга тутиш керак, деганлар. Мазҳаб имомлари ҳам шунга ўхшаш фикрлар ила ижтиҳод қилганлар. Имом Абу Ҳанифа, ҳар замоннинг ҳокими шароитга қараб, бошқалар ҳам ибрат оладиган қилиб жазолайди, дерлар. Баччабозликни одат қилган одамни ўлдириш шартлигини ҳам алоҳида таъкидлайдилар.
Яна айтиб қўйиш лозим бўлган гаплардан бири шуки, эр киши ўз хотинининг орқасига яқинлик қилиши ҳам ҳаромдир.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аёл кишига ортидан келса, лаънатидир», деганлар.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳайзли аёлга ёки аёл кишининг орқасидан яқинлик қилган ва фолбинга бориб, унга ишонган одам Муҳаммадга нозил этилган нарсага куфр келтирган бўлади», деганлар.
Шунингдек, ҳайвонларга яқинлик қилган одамлар ҳам катта гуноҳкор ва жиноятчи ҳисобланадилар. Баъзи уламолар уни ҳам зинокор ҳисоблайдилар ва зинонинг жазосига тортилиши зарурлигини таъкидлайдилар.
Аммо ҳанафий мазҳаби уламолари бу жиноятни қилган одамга ҳоким, қози ёки бошқа масъул кишилар ўзлари билиб таъзир берадилар, дерлар.
Кейинги оятда зино нақадар ёмон амал эканлиги яна ҳам зиёда равишда баён қилинади:

3. Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир.
Ушбу ояти кариманинг маъносини англаб етиш учун, аввало, унинг нозил бўлиш сабабини ўрганиб чиқайлик.
Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда қуйидагилар айтилади:
«Марсад ибн Абу Марсад деган киши асирларни (заифлиги туфайли ҳижрат қила олмай, мушриклар қўлига тушиб қолган мусулмонларни) Маккадан Мадинага олиб келар эди. Маккада Аноқ исмли бузуқ аёл ҳам бор эди. У аёл унга ўйнашлик қиларди. Марсад Маккада бир одамга уни (яъни, ўша одамни) олиб кетиш ҳақида ваъда берган эди. Марсаднинг ўзи бундай ҳикоя қилади: «Ойдин кечада Макка деворларидан бирининг остига келиб турдим. Аноқ келди. Девор остидаги шарпани кўрди. Яқинимга келиб, мени таниди ва:
«Марсадмисан?» деди. Мен:
«Марсадман», дедим. У:
«Хуш келибсан! Марҳабо, кел, бу кечани бизникида ўтказ», деди. Мен унга:
«Эй Аноқ, Аллоҳ зинони ҳаром қилди», дедим. У эса:
«Эй чодирдагилар! Манави одам асирларингизни олиб кетмоқда!» деб бақирди. Саккиз киши чиқиб, қувиб қолишди. Мен тоққа қочдим ва ўша ердаги ғорга беркиниб олдим. Улар келиб, устимда тўхтадилар. Ҳатто бошимдан сийиб ҳам юборишди. Лекин Аллоҳ уларнинг кўзини кўр қилди, мени кўрмадилар. Сўнгра қайтиб кетдилар. Мен ҳам қайтиб бориб, одамимни топиб, олиб кетдим. Жуда ҳам оғир экан. Бир изхир дарахтининг остигача кўтариб бордим-да, қўл-оёғини ечдим. Сўнгра уни Мадинага олиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аноқни никоҳлаб олайми?» деб икки марта айтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим бўлиб қолдилар. Менга ҳеч нарса демадилар. Сўнгра:
«Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир» ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Марсад, зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланади, уни никоҳингга олма», дедилар».
Кўриниб турибдики, мўмин эркак ва аёлларга зинокор эркак ва аёллар билан никоҳ алоқаси боғлаш мумкин эмас. Зония аёлга фақат ўзига ўхшаган зинокор ёки мўмин бўлмаган мушрик эркак тенгдир. Шунингдек, зинокор эркакка ўзига ўхшаган зония ёки мўмина бўлмаган мушрика аёл тенгдир. Зинокорга никоҳланиш мўминларга ҳаром қилингандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида зинокор зино қилаётган пайтида мўминлиги қолмаслигини айтганлар. Ушбу ояти каримага биноан, мўминлар ўзларини зинокорлардан, улар билан никоҳда бўлишдан сақлашлари лозим. Чунки никоҳ муқаддас боғланишдир, зинокорлар унга лойиқ эмаслар. Уларни мусулмонлар никоҳга муносиб билиб, иззат қилишлари нотўғри. Улар ўзларига ўхшаган нопоклар билан алоқада бўлаверсинлар. Аммо бундан зинокор мусулмон аёл мушрик эркак билан турмуш қурса бўлар экан, деган гап келиб чиқмайди. Мақсад зинонинг нақадар ёмон иш эканини кўрсатишдир.
Дарҳақиқат, зино инсонни ҳайвонга айлантирадиган амалдир. Зинокорлар хоҳишини жиловлай олмаган ҳайвондан фарқ қилмайди. Шунинг учун ҳам мусулмон жамиятда зино қаттиқ қораланади. Зинокорлар ҳамма тарафдан қадрсизлантириладилар. Мўминларни улар билан никоҳ алоқасида бўлишдан қайтариш ҳам шу мақсадда қилинмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, зинокор ё Ислом жамияти жисмидан умуман олиб ташланади ёки қадрсизлантирилиб, тўлақонли аъзо бўлиш имконидан маҳрум этилади. Кўпчиликнинг гувоҳлигида шарманда қилиниб, дарра урилади. Гувоҳлиги қабул қилинмайдиган бўлади, мўминлар билан никоҳда бўлишдан ман этилади ва ҳоказо.
Зино шунчалик гуноҳ бўлгач, бировни зинода айблаш ҳам оғир гуноҳ ҳисобланади. Ким бировни зинода айбласа, исбот қилиб бериши талаб этилади, исбот қила олмаса, ўзи туҳматчи сифатида жазога тортилади.
Келгуси оятда айнан шу масалада сўз юритилади:

4. Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир.
5. Магар бундан кейин тавба қилиб, ўзини ислоҳ қилганлар (мустаснодир). Зеро, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир.
Жамиятда ўзига яраша тартиб-интизом, ўзаро ҳурмат, ҳар бир одамнинг қадр-қиймати, ор-номуси ҳимояланган бўлиши керак. Оғзига кучи етмаган вайсақилар ҳар турли гап-сўзлар тарқатиб, одамларнинг обрўйини тўкаверишига йўл қўймаслик керак. Айниқса, зинога оид гаплар бировнинг обрўйини тўкиш билан бирга, жамиятда нопок, фаҳш кайфиятни туғдиради. Бўлмағур кишиларнинг уят гаплар тарқатиши, хусусан, ёшлар тарбиясининг бузилишига сабаб бўлади. Ана шунақа вайсақиларнинг тили тийиб қўйилмаса, улар бирга ўнни қўшиб, турли гапларни тарқатаверадилар ва яна шахсларга ҳам, жамиятга ҳам катта зарар етказадилар. Шунинг учун шариат ҳукми бўйича бировни зинода айблаган одамдан бу айбловнинг ростлигига тўртта гувоҳ келтиришлик талаб қилинади. Агар тўртта гувоҳ келтира олмаса, кўпчилик ичида бўҳтон қилганликда айбланиб, саксон дарра урилади. Бунинг устига, у Ислом жамиятида ишончсиз кишига айланиб, гувоҳлиги қабул қилинмай қўяди. Бу эса, ўзини билган киши учун одамгарчиликдан чиқиш билан баробардир.
Қуръони Карим бўҳтончини фосиқ, яъни, Аллоҳнинг амридан чиққан одам, деб васф қилмоқда, бу ҳам жуда ёмон сифатдир. Энди бундай одам фақат ихлос билан тавба қилгандагина ва ўзини бутунлай тузатгандагина фосиқликдан чиқиши мумкин. Шунда унинг гувоҳлиги яна қабул қилинадиган бўлади. Демак, фақат тавба қилишлари кифоя эмас. Балки ўзини ўнглаганини жамият аъзоларига амалда кўрсатиши ҳам зарур. Бунинг учун покиза одамни қаерда, кимларнинг олдида, қандай қилиб зинода айблаган бўлса, ўша ерда, ўша одамларнинг олдида, ўшандай қилиб поклайди ва ўзини қоралайди. Сўнгра тавба қилади. Жамият уни бир йил давомида кузатади. Шу муддат ичида ҳақиқатда ўзини тузатиб, шариатга хилоф ишларни қилмаса, ундан фосиқ номи олинади ва гувоҳлиги қабул қилинадиган бўлади.
Шунинг учун зинони ўз кўзи билан кўрганлар сони тўрт кишига етмаса, жим юришлари лозим. Агар гувоҳлар тўрт кишига етса, бу хабарни одамлар ичида гапириб юрмасдан, ҳукуматга етказиш, зинокорни жазога тортиш чорасини кўришлари керак. Ана шунда улар тўғри йўл тутган бўладилар.
Ояти каримада:
«Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар», дейилмоқда.
Одатда, аёлларни зинода айблаш кўпроқ бўлгани учун улар зикр қилинмоқда, лекин эркакларни зинода айблаганлардан ҳам тўртта гувоҳ келтириш талаб қилинади, келтира олмасалар, жазога тортиладилар.
Оятда «тош отиб» дейилмоқда, яъни, ёмон сўз айтиш тош отишга ўхшатилмоқда, бу ҳам бировни зинода айблаш нақадар ёмон иш эканини кўрсатади.
Сўнгра айбловчи гапининг ростлигини тасдиқлаш учун тўртта гувоҳ келтириши шарт эканлиги таъкидланмоқда. Шариат ҳукми бўйича, тўртта гувоҳ келтириш фақат зинодагина талаб қилинади. Бошқа ишларда битта ёки иккита гувоҳ кифоя қилади. Бошқа ҳолатларда бўлгани каби бунда ҳам гувоҳлар текшириб кўрилади, одил бўлмоқлари, шариат ишларига хилоф қилмаган бўлишлари шарти қўйилади.
Бировни зинода айблашни шаръий истилоҳда «қазф» дейилади. Демак, бу оятда гап қазф ҳақида кетмоқда. Бошқа хусусда эмас.
Мисол учун, ўғрилик, ароқхўрлик ёки шариат ҳаром қилган бошқа ишлар содир этишда айблов тушадиган бўлса, айбловчи ўз гапини тасдиқлаб бера олмаса, ҳукумат унга нисбатан ўзи билиб жазо қўллайди. Аммо зинода айблаш бўлганда, ушбу оятнинг ҳукмига амал қилиш шарт. Ояти каримадан эркак киши аёл кишини зинода айблаб, унга бўҳтон тоши отса, қазф содир бўлади, деган маъно чиқмоқда. Лекин, аслида эса, эркак киши эркак кишини, аёл киши аёл кишини ёки аёл киши эркак кишини қазф қилса ҳам, барибир жазога тортиладилар.
Ояти каримада кўрсатилган жазони қўллаш учун бўҳтон қилувчи покиза шахсга нисбатан зино қилганлик айбини қўйган бўлиши шарт. Агар фисқу фужури, зинокорлиги билан танилган одамни айбласа, унга нисбатан бу жазо қўлланмайди. Балки ўша вақтнинг ҳукумати шароитни ҳисобга олиб, оятдагидан кўра енгилроқ жазо беради. Бир одам бошқасини зинода айблаб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаса, дарҳол уни ушлаб, саксон дарра урилавермайди. Балки бошқа жиноятлардаги, жумладан, зино содир бўлгандаги каби, олдин жиноятчининг, жабрланувчининг шахси ва қилинган жиноят яхшилаб ўрганилади. Шу уч тоифада–жиноят, жиноятчи ва жабрланувчида керакли шартлар топилгандагина жиноятчига жазо берилади.
Жазо жорий этилиши учун жиноятчида қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим:
1. Жиноятчи балоғатга етган бўлиши керак. Агар балоғатга етмаган шахс бировни зинода айблаб, бўҳтон қилса, унга нисбатан ушбу оятда зикр қилинган жазо чораси қўлланилмайди. Унга нисбатан ўша давр ҳукумати томонидан таъзир берилади. Албатта, муносиб равишда.
2. Жиноятчи ақлли бўлиши керак. Агар жинни ҳам бировни зинода айбласа, унга нисбатан мазкур жазо чораси қўлланилмайди. Шунингдек, бирор нарсанинг таъсирида ҳуши жойида бўлмаган одам бировни зинода айбласа ҳам, узрли ҳисобланади. Лекин ақлу ҳуши жойида йўқлиги шариат ҳаром қилган нарсаларнинг истеъмоли туфайли бўлса, унга узр йўқ. Масалан, ароқ ичиб маст бўлган одам бировни зинода айибласаю кейин мастликда билмай айтиб қўйибман, деса узри қабул қилинмайди.
3. Жиноятчи ўз ихтиёри билан зинода айблаган бўлиши керак. Агар биров уни мажбур қилган бўлса, ушбу оятда зикр этилган жазога тортилмайди.
4. Жиноятчи жабрланувчининг отаси ёки бобоси бўлмаслиги керак.
Оятда зикр этилган жазони қўллаш учун бўҳтон қилинган кишида қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим:
1. Жабрланувчи оқил бўлиши керак. Агар жинни одамни биров зинода айбласа, унга нисбатан мазкур жазо жорий қилинмайди. Чунки жинни одамнинг зиноси собит бўлганда ҳам жазога тортилмайди.
2. Жабрланувчи балоғатга етган бўлиши керак. Агар биров кичкина болани зинода айбласа, унга нисбатан оятда зикр этилган жазо жорий қилинмайди. Чунки кичкина бола шариат ишларига таклиф қилинган эмас, агар фаразан зиноси собит бўлса ҳам, жазога тортилмайди ва кишилар ўртасида обрўйи тўкилмайди.
3. Жабрланувчи мусулмон бўлиши шарт. Агар биров мусулмонмас одамни зинода айбласа ёки мусулмон одамни мусулмон бўлишидан олдин зино қилган деса, унга нисбатан мазкур жазо қўлланилмайди.
4. Жабрланувчи ҳур бўлиши керак. Агар бир одам қул ёки чўрини зинода айбласа, унга нисбатан ушбу оятда зикр қилинган жазо қўлланилмайди. Чунки қул ва чўриларнинг ихтиёрлари ўзларида эмас. Зино содир бўлганда ҳам, уларга Қуръонда ҳурлар жазосининг ярми тайин қилинган.
5. Жабрланувчи покиза бўлиши, зино ва унинг шубҳасидан узоқда бўлиши лозим. Яъни, умрида зино қилганлиги ҳеч собит бўлмаган ёки шубҳа ҳам туғилмаган бўлиши керак. Шунингдек, зино бўлмаса ҳам, иффатига футур етказадиган турли бўлмағур ишларни қилмаган, иффатини сақлаб юрган одам бўлиши керак.
Демак, мазкур ҳолатларга қараб, жиноятчига нисбатан оятда зикр қилинган жазо қўлланилади ёки таъзир берилади. Таъзир бериш эса, ўша вақтнинг ҳукумати томонидан муносиб равишда белгиланади.
Жиноятчи ва жабрланган тарафларда ҳамма шартлар мавжуд бўлиши билан бирга, жиноятда, яъни, зинода айблашда ҳам маълум бир шартлар кўриниши керак. Агар бу ишда ҳам камчилик бўлса, оятда зикр қилинган жазо чораси татбиқ этилмайди.
Аввало, жиноятчи, яъни, бўҳтончи жабрланувчини, яъни, бўҳтонга учраган шахсни зино лафзи билан очиқ-ойдин бўҳтон қилган ва бу ишга гувоҳлар мавжуд бўлиши лозим. Мисол учун, «эй зинокор», «сен зинокорсан» ёки «зинодан бўлган боласан» каби сўзларни одамлар олдида айтган бўлсагина, ҳадд–шаръий жазо қўллашга лойиқ жиноят қилган ҳисобланади.
Агар киноя билан айтган бўлса, мисол учун, «сен фожирсан», «сен фосиқсан», «сен ифлоссан» каби сўзларни ишлатган бўлса, унинг эътиборига боғлиқ бўлади. Зинони эътиборда тутиб айтган бўлса, унга ҳадд қоим қилинади–жазо берилади. Бошқа маънода айтган бўлса, бошқача чора кўрилади.
Шунингдек, бировни баччабозликда айбласа ҳам, зинода айблаган билан баробар бўлади.
Бўҳтончига қарши чора кўришни талаб қилишга фақат жабрланувчи ёки насаби бир, у билан бирга ор-номусга қоладиган шахсгина ҳақлидир.
Маҳкамага арз этган одам ҳузурида жиноятчи, яъни, бўҳтон қилган одам туҳматга қолган одамнинг фалончи билан зино қилаётганини аниқ кўрганлиги ҳақида гувоҳлик берувчи тўрт кишини олиб келиши керак. У гувоҳлар зинога гувоҳлик беришда зикр этилган шартларга эга бўлишлари ва ўшандай равишда барча қоида-қонунларга риоя қилган ҳолда гувоҳлик беришлари керак. Агар бу иш амалга ошмаса, бўҳтончига саксон дарра урилади.
Иш маҳкамага етиб боргандан кейин кечиб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шикоятчи ҳам, маҳкама ҳам кечиб юбора олмайди, келишиб, босди-босди қилиб ҳам бўлмайди. Баъзи бир тўлов туфайли рози қилиш ҳам бўлмайди. Маҳкамага етган ишда тавба ҳам, истиғфор айтиш ҳам, бошқа чоралар ҳам фойда бермайди. Маҳкамага етмасдан олдин кечирилса, бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳадд (шаръий жазо)ларда ўзаро авф қилинглар, менга етгандан кейин ҳаддни қоим қилиш вожиб бўлиб қолади», деганлар.
Уламоларимиз табиий бир савол пайдо бўлиши мумкинлигини ҳам эътиборга олганлар. Ўша савол қуйидагича:
Бир одам бировнинг зино қилаётганини аниқ кўрса-ю, лекин тўрт кишини гувоҳ келтира олмаса, бу унинг ёлғончи эканига далил эмас-ку, нима учун уни саксон дарра уриб, одамлар ичида шарманда қилиб, гувоҳлигини қабул этмай, фосиқ деб эълон этиш керак?
Бу саволга уламоларимиз қуйидагича жавоб берадилар:
Агар бир киши кимнингдир зино қилаётганини кўрса, етарли далили бўлмай туриб, уни одамлар ўртасида тарқатиши хатодир. Бу иши худди бир одам ифлос нарсанинг устида ўтиргану ўша ифлос нарсани бошқа томонга тарқатган каби бўлади. Бундай ҳолатда ўша ифлос нарсани етарли ҳужжат-далил билан бир йўла йўқотиш керак. Яъни, давлатга мурожаат қилиб, ҳужжат-далил билан исботлаб, жазосини бериш керак ёки ўз жойида ҳеч ёққа ёйилмай қолиб кетишини таъминлаш керак. Лекин бефойда равишда у ифлос шахсларнинг тегирмонига сув қуймаслик керак. Шунинг учун ҳам ҳужжат-далилсиз бировни зинода айблаган киши ўзи ростгўй бўлса ҳам, амали фисқ ҳисобланади.
Мазкур ҳолат умумийдир. Лекин бошқача ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Мисол учун: эр ўз хотинини зино устида ушлаб олса, унда қандай бўлади? Бу ҳолат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам бўлган.
Бу ҳақда Имом Аҳмад Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар» ояти нозил бўлганида, ансорийларнинг раҳбари Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули, шундай нозил бўлдими?!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй ансорийлар жамоаси, раҳбарингизнинг нима деяётганини эшитяпсизларми?!» дедилар. Улар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, уни маломат қилманг. У жуда ҳам рашкчи. Аллоҳга қасамки, фақат бикр қизларга уйланган. У талоқ қилган аёлга биздан ҳеч ким унинг рашкидан қўрқиб уйлана олмайди», дейишди. Саъд:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мен, албатта, унинг ҳақ эканини, Аллоҳдан эканини жуда яхши биламан. Лекин менинг ажабланган жойим шундаки, агар мен бир ифлос аёлни эркак сонлари орасига олиб турганини кўрсам, уни ҳаяжонга солмай, қимирлатмай, бориб тўртта гувоҳ топиб келишим керакми?! Аллоҳга қасамки, мен уларни олиб келгунимча у ишини битириб бўлади-ку?» деди.
Кўп ўтмасдан Ҳилол ибн Умаййа келди. У кечаси уйига келса, аёли бир эркак билан экан. У ҳодисани икки кўзи билан кўриб, икки қулоғи билан эшитибди. Ҳеч нарса қилмабди. Тонг отиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен кечаси ўз аҳлим олдига келиб, унинг олдида бир эркакни кўрдим. Ҳодисани икки кўзим билан кўриб, икки қулоғим билан эшитдим», деди. У келтирган хабар Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам ёқмади, жуда оғир ботди. Ансорийлар Ҳилолнинг атрофига тўпланиб:
«Саъд ибн Убода гапирган гапнинг балосига қолдик, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иложсиз Ҳилол ибн Умаййага дарра урадилар, одамлар ичида шарманда этиб, гувоҳлиги ўтмайдиган қиладилар», деб хавотирланишди. Ҳилол эса:
«Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таолонинг ўзи бир йўл кўрсатишини умид қиламан», деди. Сўнгра у:
«Эй Аллоҳнинг Расули, кўриб турибманки, мен олиб келган нарса сизга оғир ботди. Аллоҳ билади, мен ростгўйдирман», деди. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дарра уришни ирода қилиб турганларида, бирдан Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушириб қолди. У кишига ваҳий келаётганини юзлари оқарганидан билиб олишар эди. Ана шунда ушбу оятлар нозил бўлди:

6. Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб, фақат ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаганлар эса, бас, улардан ҳар бирининг гувоҳлиги Аллоҳнинг номи ила тўрт марта, албатта, у ростгўйлардан эканлиги ҳақида шоҳидлик беришдир.
7. Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини (айтишликдир).
8. Ва у(аёл)дан азобни қайтарадиган нарса Аллоҳнинг номи ила тўрт марта, албатта, у(эр) ёлғончилардандир, деб шоҳидлик беришидир.
9. Бешинчисида эса, агар у(эр) ростгўйлардан бўлса, ўзи(аёл)га Аллоҳнинг ғазаби бўлишини (айтишликдир).
10. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида!.. Албатта, Аллоҳ тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва ўта ҳикматли зот бўлмаганида эди!…
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳийни қабул қилиб, аввалги ҳолатларига келдилар ва:
«Хурсанд бўл, эй Ҳилол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга кушойиш ва қутулиш берди», дея марҳамат қилдилар. Ҳилол:
«Роббим азза ва жалладан худди шуни умид қилаётган эдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёлга одам юборинглар», деб айтдилар. Аёлга одам юборилди. У келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига оятларни ўқиб бердилар, иккаласига ҳам насиҳат қилдилар, охиратнинг азоби бу дунёнинг азобидан шиддатли эканини эслатдилар. Ҳилол:
«Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен у ҳақда рост гапни айтдим», деди. Аёл:
«Ёлғон гапиряпти», деб жавоб қайтарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икковларини бир-бирларига лаънат айтгизинглар», дедилар. Ҳилолга:
«Сен шоҳидлик бер», дейилди. У ўзи, албатта, ростгўйлардан эканлиги тўғрисида тўрт марта Аллоҳнинг номи ила шоҳидлик берди. Бешинчисига келганда, унга:
«Эй Ҳилол, Аллоҳдан қўрқ! Албатта, бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгилдир. Албатта, мана шу сафаргиси сенга азобни вожиб қилгувчидир», дейилди. У:
«Аллоҳга қасамки, менга бу (аёл) сабабли дарра урилмаганидек, Аллоҳ мени азобламайди ҳам», деди ва бешинчисида, агар ёлғончилардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлиши ҳақида шоҳидлик берди.
Сўнгра аёлга:
«Аллоҳнинг номи ила, у, албатта, ёлғончилардандир, деб гувоҳлик бер», дейилди. Бешинчисига келганда, унга:
«Аллоҳдан қўрқ! Албатта, бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгилдир. Албатта, мана шу сафаргиси сенга азобни вожиб қилгувчидир», деб эслатилди. У бир муддат дудуқланиб қолди, эътироф қилмоқчи ҳам бўлди. Сўнгра, Аллоҳга қасамки, қавмимни шарманда қилмайман, деб бешинчи шаҳодатни, яъни, агар у (эри) ростгўйлардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг ғазаби бўлиши ҳақида гувоҳлик берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларини ажратдилар. Аёлнинг боласи туғилгандан кейин ота номи билан аталмаслик, уни зинодан бўлган демаслик, ким шундай деса, унга ҳадд урилиши, эр аёлга уй-жой бермаслиги, таом бериши ҳам вожиб эмаслиги ҳақида ҳукм чиқардилар. Чунки уларнинг ажрашувлари талоқ ёки вафот туфайли эмас эди. Сўнгра у зот:
«Аёл қизғиш сочли, думбаси кичик, болдири ингичка бола туғса, Ҳилолдан бўлади. Агар қорамтир, жингалак соч, бўлиқ, икки болдири йўғон ва думбалари катта бола туғса, аёл билан туҳмат қилинаётган шахсдан бўлади», дедилар. Бас, аёл қорамтир рангли, жингалак сочли, бўлиқ, икки болдири йўғон ва думбалари катта бола туғди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар қасамлар бўлмаганида, мен билан у аёл ўртасида бир иш бўлар эди», дедилар.
Бўлиб ўтган ҳодиса шундан иборат. Ушбу қисса ва у сабабли нозил бўлган ояти карималардан шариатда «мулоъана», яъни, бир-бирини лаънатлаш ҳукми ва унинг қандай, қачон, кимларга жорий қилиш шартлари олинган. Баъзи бир қўшимчалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида бўлиб ўтган бошқа ҳодисалардан ўзлаштирилган.
Бу ерда эътибор берадиган жиҳатлардан бири шуки, аввал кишиларни зинода айблаганларга нисбатан жорий қилинадиган жазо ҳақида оят тушиб, кейин савол пайдо бўлди, орада бир ҳодиса юз бериб, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга арз этилди, у зот бир муддат жим қолиб, ҳамма қаттиқ ҳаёжонга тушганидан кейингина эру хотинлар мазкур ҳукмдан истисно эканликлари, улар ўртасида зинода айблаш содир бўлса, бир-бирларини лаънатлашлари ҳақидаги оятлар нозил бўлди.
Ушбу оятлар ҳам бир йўла аввалгилари билан қўшиб нозил этилса бўлмасмиди? Албатта, бўларди? Лекин Аллоҳ таоло Қуръони Каримни бўлак-бўлак қилиб нозил этишининг ҳикматларидан бири худди шу жойда намоён бўлади. Қуръон фақат назарий эмас, балки биринчи навбатда амалий дастурдир. Уни ўқиб, ёд олиб, ўрганиб, тушуниб қўйишнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки унда яшаш керак, ҳар бир оятини ҳаётга татбиқ қилиш керак. Қуръони Каримнинг йигирма уч йил давомида нозил бўлиши ҳам шундандир. Қиёмат кунигача икки дунё бахт-саодатига эришиш дастури бўлмиш бу илоҳий мўъжиза йигирма уч йил давомида нозил бўлган, йигирма уч йил давомида ёд олинган, ўрганилган ва ҳаётга татбиқ қилинган. Унинг татбиқи ҳаётга йўғрилган. Бировни зинода айблаб, сўнгра тўрт гувоҳ олиб келолмаган шахсга саксон дарра уриш, унинг гувоҳлигини абадий қабул этмаслик ва фосиқ деб эълон қилиш ҳақидаги оят тушганидан кейин Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу томонидан савол берилиши ўша пайтдаги барча мусулмонлар ҳаётида ажойиб бир ҳолатни юзага келтирди. Ўта рашкчи бўлган бу улуғ саҳобий розияллоҳу анҳу ҳар бир кишининг миясига келадиган саволни журъат қилиб айтишларининг ўзи ҳикматдан ҳоли эмас. Бу ҳикматни эса, фақат Аллоҳ таологина билади. Чунки розияллоҳу анҳунинг саволлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг қавмига ҳам ёқмади. Шунинг учун улар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга узр айтдилар. Аммо бу саволнинг айнан шундай берилишига Аллоҳнинг иродаси кетган эди. Кўп ўтмай, саволда сўралган ҳолат ҳаётда рўй берди. Ҳилол ибн Умаййа розияллоҳу анҳунинг бошига шу савдо тушди. У Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ҳодисани арз қилди. Мавжуд ҳукм бўйича, унга саксон дарра уриш керак эди. Чунки хотинини биров билан зино қилганликда айблаган, лекин гапининг ростлигини тасдиқловчи гувоҳлари йўқ эди. Бутун Ислом жамияти шу масаланинг дарди билан яшай бошлади. Ҳамманинг оғзида Ҳилол ибн Умаййа ҳодисаси бўлиб қолди. Ҳамма, энди нима бўлади, деган саволга жавоб қидира бошлади. Баъзилар, Ҳилол розияллоҳу анҳуга энди дарра урилади, дерди. Чунончи, бошқа ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга: «Ҳужжат келтир, бўлмаса, елкангга дарра тушади», деган гаплари айтилган. Зоҳирий ҳукм шу эди. Аммо мантиқ бошқа нарсани тақозо этарди. Чунки бегона бировнинг зино қилганини кўриб-билиб туриб, етарли шоҳид бўлмагани учун индамай юриш мумкин, аммо ўз хотинини зино устида ушлаб олиб, гувоҳим йўқ, деб индамай кетиши амри маҳол. Бошқа ривоятларда келгани каби, жим юрса, заҳар ютгандек бўлиб жим юрар, жим юрмаса, елкасига дарра урилар эди. Шунинг учун ҳам Ҳилол ибн Умаййа розияллоҳу анҳу ишонч билан, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга кушойиш беради, деди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло унга кушойиш берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келди. Ҳамма нафас ютмай, нима бўлишини кутиб туриб қолганида, ҳозир ўрганаётган оятларимиз нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳилолга хушхабар бердилар. Шу билан бирга, ўша ернинг ўзида эндигина нозил бўлган оятларни ҳаётга татбиқ қилиш бошланди. Энди ўйлаб кўрайлик, тушуниш ва амал қилиш учун оятларнинг ушбу тарзда нозил бўлиши яхшими ёки аввалдан ҳукмни қабул қилиб олиб, бу нарса воқеъликда қачон бўлар экан, деб ўйлаб юришми? Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни ҳаётга татбиқ қилиш учун қўллаган услуб қулай ва осондир. Шунинг учун саҳобаи киромлардан содир бўлган, Моъиз ибн Молик, Ғомидиййа ва Ҳилол ибн Умаййаларникига ўхшаш баъзи бир ҳодисаларнинг асл моҳияти якка шахслар ҳаётида содир бўлган гуноҳларни кўрсатиш эмас, балки Қуръони Каримни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича кўргазмали таълимлар бериш эди. Инсоният тарихидаги энг пок, энг тақволи, энг ихлосли, энг иймонли авлод бўлмиш саҳобаи киромлар авлодининг баъзи бир аъзолари томонидан содир этилган бундай хатолар ҳикматдан холи эмас. Аввало, у ҳодисалар банда қай даражага етганда ҳам барибир банда эканини билдирса, иккинчидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари давомида Қуръонни турмушга тўла татбиқ этиб, намуна сифатида кўрсатишга хизмат қилган.
Энди мазкур ояти карималарни батафсил ўрганишга киришайлик.
«Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб, фақат ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаганлар эса, бас, улардан ҳар бирининг гувоҳлиги Аллоҳнинг номи ила тўрт марта, албатта, у ростгўйлардан эканлиги ҳақида шоҳидлик беришдир».
Ояти каримада сўз эр хотинини зинода айблаши ҳақида кетмоқда. Ҳаётда ҳам шунақа ҳодиса содир бўлган. Ҳилол ибн Умаййа розияллоҳу анҳу хотинининг бегона эркак билан зино қилганини арз этган. Лекин бу нарса шикоятга фақат эр ҳақли дегани эмас, балки аёлнинг ҳам арз қилишга ҳаққи бор.
Оятдаги «(бўҳтон) тоши отиб», деган жумлани ёлғон ва уйдирма билан айблаш, деб тушунмаслик керак. Араб тилида умуман бировни айблаш «туҳмат», «бўҳтон» ўзагидан олинган сўзлар билан ифода этилади. Бегона одамнинг зино қилаётганини кўрдим, деган одам жуда катта даъво қилган бўлади. Чунки бу даъвога ишониладиган бўлса, бир одамга ёки кўпчилик ичида шармандасини чиқариб, юз дарра урилади ва бутунлай бадном этилади, ёки тошбўрон қилиб ўлдириб юбориш керак бўлади. Шунинг учун ҳам бегона одамни зинода айблаган кишидан ўта ишончли далил, тўртта одил гувоҳ келтириш талаб қилинади. Агар у ўша далилни келтирса, зинокорга жазо берилади. Агар у далилни келтира олмаса, туҳматчи сифатида ўзига жазо берилади. Чунки шундай қилинмаса, одамларнинг бир-бирини зинода айблашлари осон бўлиб қолади. Аммо эр хотинини ёки хотин эрини зинода айбласалар, бу ишнинг ор-номуси икковларига ҳам тегади. Шунинг учун бу ҳолатда фақат ночор қолгандагина айблаш мумкин. Айблов фақат бир кишининг, яъни, эр ёки хотиннинг гувоҳлиги билан қабул қилинадиган бўлса, умумий қоида бузилади. Зино фақат тўрт кишининг гувоҳлиги билангина исбот бўлади. Бунинг устига, чиқариладиган ҳукм жуда ҳам оғир. Бировни тошбўрон қилиб, ўлдиришга ҳукм чиқиши керак. Шунинг учун ҳам бу масалада истисно тариқасида бошқача ҳукм жорий қилинди. Икки тарафнинг розилиги билан жазо охиратга қолдирилади. Яъни, икки томон ҳам ўзининг ҳақ эканлигини, хусуматчи ноҳақ эканини айтиб, агар аксинча бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати ёки ғазаби ёғилишини сўраб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичади.
Зино масаласида арз этилганда, қози эру хотиннинг гапини одамлар олдида эшитади. Уларга ваъз-насиҳат қилади. Дунёнинг азобидан қўрқиб, ўзини охиратнинг азобига дучор қилиш яхши эмаслигини тушунтиради. Сўнгра эр-хотин ўртасида бир-бирини лаънатлаш–мулоъана бошланади.
Аввал эр «Аллоҳнинг номи ила қасамки, мен ўз хотиним фалончини зинода айблашимда ростгўйлардандирман», деб тўрт марта айтади.
«Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини (айтишликдир)».
Яъни, эр тўрт марта қасам ичиб, юқоридаги гапларни айтганидан сўнг, бешинчисида: «Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб айтаманки, агар мен ўз хотиним фалончини зинода айблашимда ёлғончилардан бўлсам, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дейди.
Эрининг шундай қасам ичиши билан хотинга оилали одам зино қилганда бериладиган жазо–тошбўрон вожиб бўлади.
«Ва у(аёл)дан азобни қайтарадиган нарса Аллоҳнинг номи ила тўрт марта, албатта, у(эр) ёлғончилардандир, деб шоҳидлик беришидир».
Яъни, аёл кўпчилик олдида, қози ҳузурида тўрт марта «Аллоҳнинг номи ила қасамки, менинг эрим фалончи мени зинода айблашида ёлғончилардандир», деб айтади.
«Бешинчисида эса, агар у(эр) ростгўйлардан бўлса, ўзи(аёл)га Аллоҳнинг ғазаби бўлишини (айтишликдир)».
Яъни, аёл бешинчи мартасида «Аллоҳнинг номи ила қасамки, агар эрим фалончи мени зинода айблашида ростгўйлардан бўлса, менга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин», деб айтади.
Шу билан мулоъана тамом бўлади. Қози эр билан хотиннинг ажрашганларини эълон қилади.
Албатта, аввалги умумий ва шиддатли ҳукмдан кейинги ҳукм билан эру хотинларнинг истисно қилиниши Аллоҳ таоло томонидан бандаларга бўлган улуғ бир меҳрибонликдир. Агар кейинги ҳукм жорий қилинмаганда инсонларга жуда қийин бўларди. Шунинг учун ҳам оятларнинг охирида:
«Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида!.. Албатта, Аллоҳ тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва ўта ҳикматли зот бўлмаганида эди!..» дейилмоқда.
Яъни, сизга жуда қийин бўлар эди.
Уламоларимиз мулоъана ҳақида яна бир қанча қоидаларни зикр қилганлар. Жумладан:
1. Эру хотин ўртасидаги мулоъана фақат маҳкамада бўлади.
2. Мулоъана фақат очиқ-ойдин равишда зинода айблангандагина бўлади. Киноя ва ишора билан бўлса, мулоъана қилинмайди.
3. Агар эр хотинини зинода айблаб туриб, ўзини лаънатлашга келганда бош тортса, қамаб қўйилади ва ундан ё мулоъанада қатнашиш, ёки ўзининг ёлғончи эканини эътироф этиш талаб қилинади. Аёлга нисбатан ҳам худди ҳам худди шундай чора қўлланилади.
4. Эр мулоъанада ўзидан талаб қилинган қасамни ичиб бўлганидан кейин хотин ё мулоъанада иштирок этиши, ёки зино қилганини тан олиши керак.
5. Эр боланинг ўзидан эмаслигини даъво қилса ҳам, мулоъана вожиб бўлади.
Мулоъанадан кейин вужудга келадиган ҳукмлар қуйидагилардан иборат:
1. Мулоъанадан кейин эрга ҳам, хотинга ҳам ҳеч қандай жазо кўрилмайди.
2. Уларнинг ораси абадийликка ажратилади.
3. Эр боланинг насабини инкор қилса, бола аёлга нисбат берилади. Эрга мансуб деб билинмагач, бола ундан мерос олмайди. Балки онасининг номи билан чақирилади ва ундан мерос олади.
4. Агар мулоъана вақтида аёлнинг зино қилгани билинса ҳам, модомики у мулоъанада қатнашдими, уни зония, боласини валади зино, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким бу гапни айтса, туҳматчи сифатида жазога тортилади.
5. Барибир аёл маҳрини олади.
6. Мулоъанадан кейин аёлга нафақа, турар жой бериш эркакнинг бўйнига вожиб бўлмайди.
Бир одамни зинода айблаш нақадар ёмон иш эканлиги, туҳматчига қанчалик оғир ҳукмлар жорий қилиниши баён этилди. Энди ҳаётда содир этилган шунақа воқеалардан яна бири мисол тариқасида келтирилади. Аввалги оятларнинг нозил бўлишига ҳаётий воқеалар сабаб бўлгани каби, қуйидаги ояти карималарнинг нозил бўлишига ҳам шунга ўхшаш воқеалар сабаб бўлган. Тўғрироғи, улардан кўра минг марта хатарлироқ, нозикроқ воқеалар сабаб бўлган. Бу сафар диққат марказида оддий саҳобалардан бири ва унинг оиласи эмас, балки оламларнинг сарвари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг суюкли завжаи мутаҳҳаралари, мўминларнинг онаси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстларининг қизи Ойишаи Сиддиқа турар эдилар. Ислом душманлари ақлий тортишувларда, жанг майдонларида мусулмонлардан устун кела олишларига кўзлари етмаганидан кейин мусулмонларнинг энг кучли нуқтасини заифлаштириш учун очиқдан-очиқ иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирма қилишга ўтдилар.
Гапни бошқа ёққа буриб, ҳақиқатдан четга чиқиш, ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилиш араб тилида «ифк» дейилади. Мунофиқлар Ойиша онамизга нисбатан ифк уюштирдилар. Уларнинг ифкига баъзи содда мусулмонлар ҳам қўшилдилар. Орада катта фитна чиқди. Ойиша онамизни зино қилганликда айблай бошладилар. У кишига нисбатан ифк–иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирма уюштирилди. Бу ҳодиса «Ифк ҳодисаси» номи билан машҳурдир. Бу ҳодисанинг тафсилоти барча ишончли масдарларда Ойиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзларидан ривоят қилинган. У киши бундай ҳикоя қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқишни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Кимга қуръа чиқса, уни ўзлари билан бирга олиб кетар эдилар. Ғазотлардан бирида у зот орамизда қуръа ташладилар. Менга тушди. У киши билан сафарга чиқдим. У вақтда ҳижоб фарз бўлган эди. Мени ҳавдажда (ичига одам тушадиган қилиб тўқилган сават) кўтариб юришар эди. Мен унинг ичига тушиб олар эдим. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ғазотларидан фориғ бўлгунларича юрдик, сўнгра ортга қайтдик. Мадинага яқинлашганимизда, кечаси жўнаш ҳақида жар чақирилди. Жўнаш ҳақидаги хабарни етказганларида ўрнимдан туриб, аскарлардан узоқлашдим. Қазои ҳожатдан қайтаётиб, кўксимни ушладим, қарасам, мунчоғим тушиб қолибди. Ортимга қайтиб, уни излай бошладим. Ўша ерда ушланиб қолдим. Мени олиб юрадиган кишилар келиб, ҳавдажимни туямга ортишибди. Улар мени ҳавдаж ичида деб ўйлашибди. Ўша вақтда аёллар енгил бўлишар эди, гўштлари оз эди. Жуда оз таом ер эдик. Одамлар ҳавдажни кўтаришганда, унинг енгиллигига эътибор беришмабди. У вақтда ёшим ҳам кичик эди. Улар туяни жойидан қўзғатиб жўнаб кетаверибдилар. Мунчоқни топдим. Улар турган жойга келдим. Аскарлар кетиб бўлган экан. Улардан бирор киши қолмабди. Ўша ерда қимирламай туришга қарор қилдим. Улар менинг қолиб кетганимни билиб қайтиб келишади, деб ўйладим. Ўтирган жойимда кўзим уйқуга илинибди. Сафвон ибн ал-Муъаттал ас-Силмий аскарлардан ортда қолган ва дам олиб, кечроқ жўнашни кўзлаган экан. (Имом Бухорий ривоятларида, аскарларнинг ортидан унутиб қолдирилган нарсаларни йиғиштириб олиб кетишга вазифадор эди, дейилган.) Бас, у мен турган жойга келибди. Ухлаётган одамнинг қорасини кўрибди. Олдимга келиб, мени танибди. Мени таниб, истиржоъ айтганидан (овоз чиқариб: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!» деганидан) уйғониб кетдим. Дарров жилбобим ила юзимни тўсдим. Аллоҳга қасамки, у менга бирор сўз айтмади. Мен унинг истиржоъидан бошқа ҳеч бир сўзини эшитмадим. У пастга тушиб, туясини чўктирди. Туянинг олдинги оёқларини жуда пастлатди. Мен туяга миндим. У уловини етаклаб йўлга тушди. Шундай қилиб, аскарларга етиб олдик. Улар кеча охирида тўхтаб, манзилга тушган эканлар.
Менинг тўғримда ким ҳалокатга учраса, учради. Гуноҳнинг каттасини кўтарган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бўлди. Мадинага етиб келдик. Мен у ерда бир ой касал бўлиб ётиб қолдим. Одамлар «Ифк аҳли»нинг гап-сўзларини авж олдиришар, мен эса, ҳеч нарсани сезмас эдим. Касаллик пайтимда мени шубҳага солган нарса шу эдики, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда касал бўлган чоғларимда бошқача лутф кўрсатар эдилар. Энди бўлса, «Анавунингизнинг ҳоли қандай?» дер эдилару қайтиб чиқиб кетардилар. Мана шу ҳолат мени шубҳага солар эди. Тузалгунимча ҳам ёмонликни сезмабман. Бир куни Умму Мистоҳ билан қазои ҳожат қиладиган жойга чиқдим. Ундай жойларга фақат кечаси чиқар эдик. У вақтларда таҳоратхоналар қилган эмасдик. Арабларнинг эски одатлари бўйича, деворларнинг остида қазои ҳожат қилар эдик. Шундай қилиб, мен Умму Мистоҳ билан (у Абу Раҳм ибн Муттолиб ибн Абду Манофнинг қизи, онаси Сахр ибн Омирнинг қизи, Абу Бакр Сиддиқнинг холалари) чиқиб, ҳожатдан қайтиб келаётганимизда Умму Мистоҳ кийимини босиб олиб, қоқилиб кетди ва:
«Мистоҳ ҳалок бўлди!» деди. Мен унга:
«Жуда ёмон гап айтдинг! Бадрда иштирок этган одамни ҳам сўкасанми?!» дедим. У:
«Эй азизам, унинг нима деганини эшитганинг йўқми?!» деди. Мен:
«У нима деди?» деб сўрадим. У менга ифк аҳлининг гаплари ҳақида хабар берди. Касалимга касал қўшилди. Уйга қайтганимда олдимга Расулуллоҳ кириб:
«Анавунингизнинг ҳоли қандай?» дедилар. Мен:
«Изн берсангиз, ота-онамнинг олдига борсам», дедим. Ўшанда улардан хабарнинг ҳақиқатини билмоқчи эдим. Менга у зот изн бердилар. Ота-онамнинг олдиларига бордим. Онамга:
«Эй онажон, одамлар нималар дейишмоқда?» дедим. У киши айтди:
«Эй қизгинам, ўзингни ортиқча қийнама, Аллоҳга қасамки, ҳар бир кўзга яқин аёлни эри яхши кўрсаю кундошлари кўп бўлса, шунақа гапни кўпайтириб юборишади». Мен:
«Субҳаналлоҳ! Одамлар шу гапларни гапиришдими-я?!» дедим. Кечаси билан йиғлаб чиқдим. Тонг отгунча кўз ёшим тўхтамади, кўзимга уйқу ҳам келмади. Кундузи ҳам йиғлай бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келавермаганидан кейин Али ибн Абу Толиб ва Усома ибн Зайдларни чақириб, аҳлидан ажраш ҳақида маслаҳат қилдилар. Усома Расулуллоҳга у зотнинг аҳлида ҳеч қандай айб кўрмагани ва уларга нисбатан ўзида муҳаббат борлиги ҳақида сўзлади. Усома:
«Эй Аллоҳнинг Расули, улар сизнинг аҳлингиз, Аллоҳга қасамки, улар ҳақида фақат яхшиликни биламиз, холос», деди. Али ибн Абу Толиб бўлса:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизни сиқиб қўйгани йўқ. Ундан бошқа аёллар ҳам кўп. Жориядан сўранг, айтиб беради», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барийрани чақириб, ундан:
«Эй Барийра, унда шубҳага соладиган бирор нарса пайқадингми?» деб сўрадилар. У:
«Йўқ! Сизни Пайғамбар қилиб юборган зот номи ила қасамки, мен унда кўрган битта айб бор, у ҳам бўлса, ёши кичиклигида хамирнинг олдида ухлаб қолиб, қўйга егизиб қўярди, холос», деди. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бориб, ўша куни Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг узр сўрашини талаб қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб:
«Менга аҳлим хусусида озор етказган одамдан ким узр олиб беради? Аллоҳга қасамки, мен ўз аҳлимдан яхшиликдан бошқа нарса кўрмадим. Батаҳқиқ, менга фақат яхшилик қилиб юрган одамни гап қилишди. У менинг аҳлим ҳузурига фақат мен билан кирар эди», дедилар. Шунда Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мен ундан узр олиб бераман. Агар у Авсдан бўлса, бўйнини узамиз. Агар у биродарларимиз ҳазражийлардан бўлса, нима амр қилсангиз, ўша амрингизни бажарамиз», деди. Ҳазражликларнинг бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:
«Ёлғон гапирдинг! Аллоҳга қасамки, уни ўлдирмайсан ва унга қодир ҳам эмассан», деди. Бу гапни эшитгандан кейин Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуга бундай жавоб қайтарди:
«Сен ёлғон гапирдинг! Аллоҳга қасамки, албатта, уни ўлдирамиз. Сен мунофиқсан! Мунофиқларни ҳимоя қилмоқдасан!» Икки қабила–Авс ва Ҳазраж аччиқланиб, бир-бирлари билан урушиб кетай дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, минбарда туриб, уларни ҳовурларидан туширар эдилар. Ҳаммалари жим бўлгандан кейингина минбардан тушдилар. Ўша кунни ҳам йиғлаб ўтказдим. Кўзимдан ёш тинмади, уйқум яна келмади. Сўнгра кечаси билан ҳам йиғлаб чиқдим. Кўзимдан ёш қуйилаверди, уйқум ҳам келмади. Ота-онам олдимда эдилар. Икки кечаю бир кундуз йиғладим. Йиғлайвериб, жигарим ёрилиб кетса керак, деб ўйлаган эдим.
Ота-онам олдида йиғлаб турган чоғимда ансорлардан бир аёл киришга изн сўради. Унга изн бердим. У ҳам ўтириб, менга қўшилиб йиғлай бошлади. Биз шу ҳолатда турганимиз устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Ўтирдилар. Менинг ҳақимда гап-сўзлар айтилгандан бери ёнимга ўтирмаган эдилар. У кишига бир ой менинг ишим ҳақида ваҳий келмай туриб қолди. Ўтирганларидан кейин ташаҳҳуд айтдилар ва ундан сўнг:
«Менга сенинг ҳақингда шу-шулар етди. Агар сен беайб бўлсанг, Аллоҳ таоло, албатта, сени оқлайди. Агар гуноҳга яқинлашган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айт, унга тавба қил. Чунки банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул этади», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини тамом қилишлари билан кўзёшим таппа-тақ тўхтади. Отамга:
«Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гаплари учун жавоб беринг», дедим. У киши:
«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар. Кейин онамга:
«Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларига жавоб беринг», дедим. Онам:
«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар. Мен ҳали ёш эдим, Қуръондан ҳам кўп ўқимасдим, ўзим гап бошладим:
«Аллоҳга қасамки, билишимча, менинг ҳақимда одамларнинг гапларини эшитдинглар. У гаплар кўксингизда жойлашиб қолди. Унга ишондингизлар ҳам. Агар мен сизларга, мен беайбман, десам, бунга ишонмайсизлар. Агар мен бир ишни эътироф қилсам, Аллоҳ билиб турибдики, мен беайбман, сиз буни тасдиқ этасиз. Аллоҳга қасамки, мен билан сиз ҳозир худди Юсуфнинг отасига ўхшаймиз, у айтган гапларни эсланг:
«(Менинг ишим) гўзал сабр қилишдир. Сизлар васф қилаётган нарсада эса, Аллоҳнинг Ўзи ёрдам сўралгувчидир», дедим. Сўнгра бориб жойимга ётиб олдим. Ҳолбуки, ўша пайтда Аллоҳга қасамки, ўзимнинг беайб эканимни, албатта, Аллоҳ мени оқлашини, билар эдим. Лекин Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло менинг ҳақимда тиловат этиладиган ваҳий туширишини гумон ҳам қилмаган эдим. Ўзимча, менинг ишим Аллоҳ таоло тиловат қиладиган нарсага арзимайдиган иш деб ўйлардим. Лекин, ўзимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир туш кўрсалару ўшанда Аллоҳ мени оқласа, дердим. Аллоҳга қасамки, у зот жойларидан қимирламай, аҳли байтдан бирортаси ташқарига чиқмай туриб, Аллоҳ Пайғамбарига ваҳий нозил қилди. У зот ваҳий келганда тушадиган ҳолатга тушдилар. Сўнгра кулиб, оддий ҳолатларига қайтдилар. У зотнинг биринчи айтган гаплари менга:
«Эй Ойиша! Аллоҳга ҳамд айт! У сени оқлади!» дейишлик бўлди. Шунда онам менга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўрнингдан тур!» дедилар. Мен:
«Аллоҳга қасамки, мен у кишига ўрнимдан турмайман. Аллоҳдан ўзгага ҳамд ҳам айтмайман. Менинг оқловимни нозил қилган зот Удир», дедим. Аллоҳ таоло ушбу ўн оятни нозил қилди.

11. Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир усба (тўда)дир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир.
12. У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» десалар бўлмасмиди?!
13. У(ифкчи)лар ўша(ифк)га тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, гувоҳларни келтира олмаган чоғда ана ўшалар ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончидирлар.
14. Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида, ўзингиз ичига шўнғиган нарса учун сизни, албатта, буюк азоб тутар эди.
15. Ўшанда сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва у (ифк)ни ўзингизга енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир.
16. Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмас. Ўзинг поксан! Бу катта бўхтондир!» десангиз бўлмасмиди?!
17. Агар мўмин бўлсангиз, ҳаргиз у(ифк)га ўхшаш нарсага қайтмаслигингизни Аллоҳ сизга ваъз-насиҳат қилур.
18. Аллоҳ сизга оятларни баён қилур. Ва Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир.
19. Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар.
20. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида... Ва, албатта, Аллоҳ ўта шафқатли ва раҳмли бўлмаганида...
21. Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фоҳиша ва мункарга буюрадир. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хохлаган кишини поклар. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир.
Ойиша онамиз гапларида давом этиб, яна қуйидагиларни айтадилар:
«Аллоҳ таоло мени оқлаш учун ушбу оятларни нозил қилганида Абу Бакр (у киши қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турардилар): «Аллоҳга қасамки, Ойиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:

22. Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», дедилар».
Ойиша розияллоҳу анҳу яна буларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ишим ҳақида Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳам сўраган эканлар. У зот:
«Эй Зайнаб, нима билгансан, нима кўргансан?» деб сўрабдилар. Зайнаб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳақида фақат яхшиликни биламан», дебди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ичида фақат угина мен билан шуҳрат талашар эди. Аммо тақводорлиги туфайли Аллоҳ таоло уни сақлади. Аммо синглиси Ҳамна ифк эгалари билан бирга ҳалок бўлди».
Тарихда «Ифк ҳодисаси» номи ила машҳур бўлган ҳодисанинг тафсилоти мана шулардан иборат. Бу ҳодисадан дунё ларзага тушган. Ифк–гапни бошқа томонга буриш, иғво, бўҳтон, туҳмат уйдириш ана шундай ёмон нарса. Мунофиқларнинг тўқиган ифки туфайли нималар бўлмайди дейсиз! Ифк ҳар қандай шахсни ҳам, ҳар қандай жамиятни ҳам катта ташвишга солади. Ифк катта-кичикни ажратиб ўтирмайди, кимга нисбатан уюштирилса, ўшани ташвишга солади. Хаёлини паришон қилади. Дунёдаги энг пок аёллардан бири, энг вафоли ёстиқдошлардан биттаси, мўминларнинг онаси, Сарвари Оламнинг суюкли жуфти ҳалоллари, Сиддиқнинг қизи сиддиқа Ойиша онамиз ифкка учраб, гап-сўз бўлдилар, ўзларининг покликларини очиқ-равшан билиб турганларига қарамай, бу бўҳтондан юрак-бағрилари тилка-пора бўлди. Икки кечаю бир кундуз тинмай йиғладилар, агар Расули акрам келиб, гап бошламасалар, Аллоҳ билади, яна қанча йиғлар эдилар.
Бу ифк Абу Бакр Сиддиқдек саҳобийни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстларини ҳам паришон қилди. Жигаргўшалари Ойиша онамиз йиғлаб келганларида нима қилишни билмай қолдилар. Ҳолбуки, у киши ҳаммага маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб юрган одам эдилар. Ойиша онамиз у кишига мурожаат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беришни сўраганларида, нима дейишимни билмайман, дедилар.
Ҳа, ифк–иғво, бўҳтон, туҳмат ана шундай ёмон нарса, ҳар қандай одамни нима дейишини билмайдиган ҳолга солиб қўяди.
Абу Бакр Сиддиқнинг жуфти ҳалоллари, Ойиша онамизнинг волидаи меҳрибонлари Умму Руммоннинг ҳолатига қаранг! Дард, аламда ёнаётган жигаргўшасини овутиш учун нима дейишини билмай, кундоши кўп хотин шундай бўлади, дедилар. Ҳолбуки, кундошлар Ойиша онамизнинг покликларига Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб, гувоҳлик бермоқдалар. Қизини ҳимоя қилишга шунчалик уринаётган одам қизлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб қайтаринг, десалар, нима дейишимни билмайман, деганини қаранг!
Ифк–иғво, туҳмат, бўҳтонга учраган иккинчи тарафни–Сафвон ибн ал-Муъаттални олайлик. Аллоҳнинг йўлида жиҳод билан умрини ўтказган, Расули акрамнинг энг ихлосли, фидойи саҳобаларидан бири. Ана ўшандай тоза, пок, тақводор одам ўзининг Пайғамбари, йўлбошчиси, устози, шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли хотинлари билан зино қилганликда туҳматга учраб турса!.. Умрида аёл кишининг елкасига қўл теккизмаган одам шундай катта бўҳтонга дучор бўлса!.. Шунинг учун ҳам чидай олмай, ифкка қўшилганлардан бири Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бошига қилич билан уриб, ўлдириб қўйишига сал қолган.
Ҳазрати Али ибн Абу Толибни, Усома ибн Зайдни, Умму Мистоҳни, Ойиша онамизнинг ёнларига кириб қўшилиб йиғлаган ансорий аёлни, Барийрани, Зайнаб бинти Жаҳш онамизни ва бошқаларни қаранг. Қанчалик ташвиш, қанчалик куюниш. Ҳа, Ойиша онамизга қарши уйдирилган ифк бутун бир умматни тенгсиз ташвишга солган эди.
Ташвиш чекаётган умматнинг бошида унинг Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам турар эдилар. Чунки бу ифк аслида Ойишаи Сиддиқага эмас, Сафвонга розияллоҳу анҳу ҳам эмас, Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Сарвари Оламга, Роҳматан лил Оламийнга, Саййидул Мурсалийнга, Хотамун набиййинга... қарши қаратилган эди. Ислом душманлари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари орқали шахсларини ёмонотлиқ қилиб, Ислом динини қораламоқчи, унга футур етказмоқчи бўлдилар. У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда қийин бир ҳолга тушдилар. Гап ҳаммаёққа ёйилиб кетган. Уни рад қилиш учун жуда ҳам кучли далил керак. Лекин қани ўша далил? Бунинг устига, баъзи мусулмонлар, ҳатто Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса каби кўзга кўринган одамлар ҳам ифкка қўшилиб боришмоқда. Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган зот бўҳтонга учраб, нима қилишларини билмай турибдилар. Ҳали Усома ибн Зайддан, ҳали Али ибн Абу Толибдан, ҳали Барийра исмли асли чўри бўлган аёлдан, ҳали хотинлари Зайнаб бинти Жаҳшдан маслаҳат сўрамоқдалар. Масжидда минбардан туриб, одамлардан ўз аҳлларида учраган мусибатда ёрдам сўрамоқдалар. Қайин оталари, қайин оналари ҳузурларида энг суюкли хотинлари Ойиша онамизга, ростини айт, гуноҳинг бўлса, тавба қил, Аллоҳ тавба қилганни кечиради, деб турибдилар. Бошқа вақтда келиб турган ваҳий ҳам, мана, бир ой бўлибдики, тушмай қўйди.
Аммо бу нарсалар ҳаммаси инсоний ўлчовлар ичидаги ҳолатлардир. Бу ишларнинг ҳеч бири ҳикматдан холи эмас эди. Фақат, ҳодиса шу қадар кутилмаган ва шу қадар таҳликали ва шу қадар оламшумул эдики, ҳамма ўзини йўқотиб қўйибди.
Ниҳоят, барча ишни ҳикмат ила қиладиган Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, ҳаммасини ўз жойига келтирди. Юқорида зикр этилган ўн оятда Ойиша онамизни оқлади. Ҳамма, ҳатто Ойиша онамизнинг ўзлари ҳам, менга оқлов тушди, дерлар. Лекин оятларда Ойиша онамизнинг исмлари ҳам, сифатлари ҳам ёки бирорта белги ҳам зикр қилинмаган. Чунки шунга ўхшаш ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида умумий қоидалар баён қилинмоқда. Чунки гап, аввал айтилганидек, Ойиша онамизнинг шахслари устида эмас, Ислом билан Ислом душманлари орасидаги кураш ҳақида кетмоқда.
Келинг, ушбу оятларни батафсилроқ ўрганиб чиқайлик, бу нарса яна ҳам ойдинлашади.
«Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир усба (тўда)дир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир».
Аввал ҳам таъкидлаб айтилганидек, гапни бошқа ёққа буриб, уни ҳақиқатидан четга суриш, ёлғон, иғво, бўҳтон ва туҳмат уйдиришга «ифк» дейилади. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўминлар жамоасига хитоб этиб, ўша ўзларига чексиз озор етказаётган ифкни уйдирганлар уларнинг ўзларидан чиққан бир усба–тўда одамлар эканини маълум қилмоқда. (Араб тилида адади ўнтадан қирқтагача бўлган одамлар тўдаси «усба» дейилади.)
«Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир усба (тўда)дир».
Демак, мўминлар ифкдан азоб чекиб, қийналиб юрибдилар-у, аммо уни келтириб чиқарганлар ўзларининг одамлари. Мана шу аччиқ ҳақиқатга эътибор бериш керак.
Нима учун ифк мўминларнинг ўз ичларидан чиқди? Бу аччиқ савол ўшандан буён асрлар давомида қайта-қайта юзага чиқмоқда. Мўминлар буни алоҳида эътибор билан ўйлаб, муолажа қилишлари керак.
«Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг».
Сиртдан қараганда, ифк мўминлар учун,  уларнинг Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васаллам учун, у зотнинг аҳли-оиласи учун, дину диёнат учун мунофиқлар томонидан уйдирилган бир ёмонликдир. Шунинг учун ҳам ҳаммалари хафа бўлдилар, изтироб чекдилар, ташвишга тушдилар. Аммо Аллоҳ таоло:
«Аксинча, у сиз учун яхшиликдир», демоқда.
Мунофиқлар ушбу ифкни тўқиш билан барибир мақсадларига етолмадилар. Улар мусулмонларга, уларнинг динларига, Пайғамбарлари шахсига, ахлоқ-одобларига зарар етказиш орқали уларнинг қувватини кетказмоқчи эдилар. Аксинча, ифк ҳодисаси туфайли мусулмонлар яхшиликларга эришиб, мунофиқлар шарманда бўлдилар.
Мазкур оғир дамларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларида, у зотнинг аҳли байтлари ва асҳобларида сабр-матонат, қалбнинг поклиги, адолат, ўзаро ҳамкорлик, тартиб-интизомнинг олий намуналари намоён бўлди. Юксак ахлоқий сифатлар уларда яна бир бор балқ этди. Ҳақиқий мўминлардан фақат уч кишигина бу иғвога қўшилиб қолдилар, Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса ва Ҳамна бинти Жаҳш (Аллоҳ улардан рози бўлсин). Бу уч кишига бўлган муносабатларда ҳам мусулмонларнинг фазилатлари намоён бўлди. Қариндоши Мистоҳга нафақа бериб турган Абу Бакр Сиддиқ ифкдан кейин ундан нафақани узишни ирода қилган эдилар, бу ишга Аллоҳнинг Ўзи аралашди, нафақани узмаслик, балки юракни кенг қилиб, айбдорни афв этиш лозимлигини баён этди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дарҳол бу амрга бош эгиб, Мистоҳни афв қилдилар, нафақа беришни давом эттирдилар. Авваллари биров орқали юборадиган бўлсалар, энди ўзлари олиб бориб берадиган бўлдилар. Ойиша онамиз бўлсалар, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуни ўта ҳурмат қиладиган бўлдилар. У кишига доимо яхшилик қилар, тавозуъ ила муомалада бўлар, ҳузурларига кирсалар, ёстиқ қўйиб берар эдилар. Баъзи кишилар, ахир, бу одам сизга қарши ифкка қўшилган эди-ку, деганларида, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилган эди, деб жавоб берганлар. Ойиша онамиз яна бир марта: «Мен Ҳассоннинг шеъридан яхшироқ шеър эшитмадим, қачон унинг шеъридан мисол келтирсам, унга жаннатдан жой берилишини сўрайман», деганлар.
Бу даражадаги юксак исломий ахлоқларнинг намоён бўлишига ҳам ифк ҳодисаси сабаб бўлди.
Уламоларимиз мусулмонлар оммасининг қалблари нақадар пок эканлигига намуна сифатида ифк воқеаси рўй берганда Абу Аййуб ал-Ансорий ва у кишининг хотинлари (розийаллоҳу анҳумо) орасида бўлиб ўтган қуйидаги суҳбатни келтирадилар.
Абу Аййуб ал-Ансорий Умму Аййубга:
«Ойиша ҳақида нима дейилаётганини кўряпсанми?» деб сўрабдилар. Шунда Умму Аййуб розияллоҳу анҳо:
«Агар сен Сафвоннинг ўрнида бўлганингда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳурматлари ҳақида ёмон гумон қилган бўлармидинг?» дебди. Абу Аййуб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу:
«Йўқ!» деб жавоб қайтарибдилар. Шунда Умму Аййуб розияллоҳу анҳо:
«Ойишанинг ўрнида бўлганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мен ҳам хиёнат қилмас эдим. Бас, Ойиша мендан яхши, Сафвон сендан яхши», дебдилар.
Шу билан бирга, ушбу ҳодиса туфайли мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётларида келажакда рўй беражак кўплаб ноқулайликларни бартараф этадиган қонун-қоидалар жорий қилинди.
Ушбу ҳодисанинг бошқа бир ҳикмати шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайбни билмасликлари, Аллоҳ таоло нимага буюрса, шуни адо этишлари яна бир бор тасдиқланди.
«Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир».
Яъни, ифкда қатнашган ҳар бир кишининг касб қилган амали, бўҳтонига яраша гуноҳи бордир. Демак, улар жазосиз қолмайдилар.
«Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир».
Яъни, бу гуноҳ ишнинг каттасини ўзига олиб, ифкка бош бўлган одамга–Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулга буюк азоб бордир.
У, албатта, қиёмат куни бу азобга дучор бўлур.
«У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» десалар бўлмасмиди?!»
Ушбу оятда мусулмонлар оммасининг ифк ҳодисаси воқеъ бўлганда ўзларини салбий тутганлари танқид қилинмоқда. Гап тарқаб, бўҳтон авж олиб бораверди, мусулмонлар бунинг уйдирма эканини билиб туриб, инкор этмадилар, иғвогарларнинг оғзига урмадилар, уларни тинчитиб қўймадилар. Улар бўҳтонни кучайтиравердилар, булар жимгина юравердилар. Аслида эса, ифкни эшитган вақтда мўминлар ва мўминалар яхши гумон қилишлари керак эди. Яъни, улар ўзларини туҳматга қолганлар ўрнига қўйиб кўришлари, йўқ, бу иш бўлиши мумкин эмас, мен уларнинг ўрнида бўлсам, бундай қилмас эдим, дейишлари керак эди. Улар диндошлари ҳақида яхши гумон қилиб, туҳматга ишонмай, бу ёлғон гап, мусулмон одам бундай қилмайди, дейишлари керак эди. Мўминлар оммаси ифкни эшитган вақтда:
«Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» десалар бўлмасмиди?!»
Ифкчиларнинг юзига шу гапни айтишлари керак эди!
Шу йўл билан динларини, Пайғамбарларини, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳлларини ҳимоя қилишлари керак эди.
«У(ифкчи)лар ўша(ифк)га тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, гувоҳларни келтира олмаган чоғда ана ўшалар ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончидирлар».
Бу ояти каримада ифк ҳодисаси рўй берганда мусулмонлар оммаси томонидан йўл қўйилган катта бир нуқсон кўрсатилмоқда. Абдуллоҳ ибн Убай бошчилигидаги мунофиқлар томонидан Ойиша онамизга ифк уюштирилганда, улардан гувоҳ келтиришларини талаб қилмадилар, ушбу жумлада мўминлар томонидан йўл қўйилган анашу хато эслатилмоқда.
Ўшанда мунчоқларини излаш билан овора бўлиб аскардан қолиб кетган Оиша онамизни туясига миндириб етказиб келган Сафвон ибн ал-Муъаттал розияллоҳу анҳу туяни етаклаб, одамлар олдидан ўтди. Уларнинг орасида Абдуллоҳ ибн Убай ҳам бор эди. Абдуллоҳ ибн Убай:
«Бу аёл ким?!» деб сўради. Одамлар:
«Ойиша», дейишди. У:
«Аллоҳга қасамки, буни у тек қўймаган, у ҳам буни тек қўймаган. Мана, Пайғамбарингизнинг аёли тунни биров билан ўтказибди. Энди бўлса, у эркак туясини етаклаб келмоқда», деди. Шундан ифк бошланди. Гап кўпайди. Лекин ҳеч ким, на Абдуллоҳ ибн Убайдан ва на унга қўшилганлардан: «Қилаётган бу туҳматингга гувоҳинг борми? Бу гапни қаердан олиб гапиряпсан?» демади.
Аслида эса, бировни зинода айблаётган одам бу ишнинг бўлаётганини кўрган тўртта гувоҳ келтириши керак эди.
«Бас, гувоҳларни келтира олмаган чоғда ана ўшалар ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончидирлар».
Ёлғончиларнинг оғзига уриб, динлари, Пайғамбарлари ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳлларини ҳимоя қилмаганлари мусулмонлардан содир этилган хато эди. Чунки бундай пайтда, яъни, жуфти ҳалоллари туҳматга учраб турганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳимоя қилсалар, гап яна ҳам кўпайиши мумкин эди. Бўлиб ўтган ҳодиса жуда аччиқ эди. Мўминлар ўзларининг салбий мавқифлари билан, баъзиларининг эса, бўҳтонга бевосита қўшилишлари билан оғир вазият вужудга келди. Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло шуни мўминларга эслатиб:
«Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида, ўзингиз ичига шўнғиган нарса учун сизни, албатта, буюк азоб тутар эди», демоқда.
Ифкка қўшилиб, мусулмонлар катта бир азобга лойиқ иш қилган эдилар. Бу азобни Аллоҳ таоло уларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бериши мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло уларни ҳам бу дунёда, ҳам охиратда азобламасликка ваъда бериб, катта фазлу марҳамат кўрсатди.
Кейинги оятда ўша ҳолатнинг қандай юзага келгани васф қилинади:
«Ўшанда сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва у(ифк)ни ўзингизча енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир».
Ушбу қуръоний васф олдида барча сўз усталари тиз чўкиб таъзим қилсалар арзийди. Бўлиб ўтган ҳодисани қисқа иборалар билан, энг керакли сўзларни ишлатиб қилинган бу баёнда олам-олам маъно бор.
«Ўшанда...» яъни, мунофиқлар томонидан ифк тарқатилганда.
«...сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар...» эдингиз.
Яъни, ифк масаласида фақат тилингизни ишлатардингиз. Ақлингизни ишлатиб, тадаббур қилмас эдингиз. Ифкни тилларингиз билан илиб олардингиз. Яъни, жуда тезлик билан қабул қилар эдингиз.
«...оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз...»
Гап ўзи аслида оғизда гапирилишига қарамай, яна «оғзингиз ила» дейишлик ҳам гапнинг моҳиятига аҳамият бермай, оғзига келганини гапираверишга ишорадир. Одамлар, айниқса, ифк ҳодисасига ўхшаш ҳолатларда ўйламай-нетмай, тилларига эрк бериб, оғизларига келганини гапираверишни одат қилиб оладилар. Эътибор бермай гапираверадилар-у, аммо гаплари оламни ларзага солаётганидан бехабар бўладилар.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг давомида:
«...ва у(ифк)ни ўзингизча енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир», демоқда.
Яъни, сиз тилингиз ила илиб олиб, илмингиз, ишончли далилингиз бўлмай туриб, оғзингиз ила гапирган гапингиз–ифк Аллоҳнинг ўлчовида жуда оғир гуноҳ эди. Шунинг учун ҳам ифкни эшитган чоғингизда ўзингизни бошқача тутмоғингиз лозим эди.
«Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмас. Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» десангиз бўлмасмиди?!»
Бундай пайтда ҳар бир мўминдан тутиш талаб қилинадиган йўл шу. Мўмин-мусулмонларга қарши тўқилган миш-миш, ифку бўҳтонни эшитиб, унга қўшилиш ёки индамай қараб туриш мутлақо тўғри келмайди. Ҳар бир мўмин дарҳол:
«Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмас», дейиши лозим. Биз мўмин-мусулмонмиз, иғво, бўҳтон ва туҳмат гапларни гапиришни динимиз ҳаром қилган, дейиши керак.
«Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» десангиз бўлмасмиди?! Бизни ҳам бу ифкка ўхшаш гуноҳлардан пок қилгин, десангиз бўлмасмиди?! Ана ўшанда жуда яхши иш қилган бўлар эдингиз. Сиз бўлса, бундай қилмадингиз. Мўминлик бунақа эмас!
«Агар мўмин бўлсангиз, ҳаргиз у(ифк)га ўхшаш нарсага қайтмаслигингизни Аллоҳ сизга ваъз-насиҳат қилур».
Бўлар иш бўлиб ўтди. Аммо энди бунга ўхшаш ишни ҳеч такрорламанг. Аллоҳнинг сизга ваъз-насиҳат қилиб айтадиган гапи шу.
Бу муҳим гапни «Агар мўмин бўлсангиз...» деган шартдан кейин айтилиши ҳам муаййан ҳикматга эга.
Шундай қилиб:
«Аллоҳ сизга оятларни баён қилур.
Мана, сизга «Ифк ҳодисаси» ҳақидаги сиру асрорларни ҳам баён қилиб берди. Чунки:
«...Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир».
У зот ҳар бир нарсани билиб туради, ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади.
Кейинги оятларда ифк ҳодисасига тааллуқли баъзи бир ҳукмлар ва улардан олинадиган ибратлар ҳамда натижалар ҳақида сўз кетади:
«Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар».
Кишилар орасида фоҳиша, уят, одобсиз гапларни тарқатиш нақадар катта гуноҳ эканини ушбу оятдан билиб олса бўлади. Ифк ҳодисасида миш-миш гап кўпайди, зино ҳақида ҳам миш-миш тарқатилди. Бу иш оятда фоҳишани ёйиш билан баробар қўйилмоқда. Ҳукм умумий ҳолда айтилмоқда. Демак, фаҳш ишлар ҳақида миш-миш тарқатиш ўша ишнинг ўзига баробар экан, фоҳиша гапларни гапириш, унга тааллуқли бошқа воситаларни тарқатиш, тарғибот қилиш, сабабчи бўлиш, ҳамма-ҳаммаси аламли азобга лойиқ улкан гуноҳ экани турган гап. Ислом фоҳиша ишни ман қилар экан, унга олиб борадиган барча сабабларни ҳам ман этади. Зино ҳаром, уни қилган одам гуноҳкор, у гуноҳкор жазога тортилар экан, демак зинога тааллуқли, унга олиб борадиган ҳамма воситалар ҳам ман этилади. Зино, жинсий алоқа тўғрисида турли гапларни тарқатиш кишиларнинг одоб-ахлоқини бузади, ўша ишга чорлайди, жамиятни одобсизлар, ахлоқсизлар жамиятига айлантиради. Шунинг учун ҳам бузуқ гапларни гапириш ман қилинади. Агар ҳужжат-далили бўлса, жиддиятни кўзласа, бориб керакли жойда гапириб, гувоҳ келтириб, зинокорларни жазолашни йўлга қўйишда хизматларини адо этсин, шунда мусулмонлар жамиятини поклашда ҳиссасини қўшган бўлади. Аммо бекордан-бекорга кишиларда шаҳватни қўзғатадиган, беодоб хаёлларни уйғотадиган гапларни сўйламасин, бемаза ишларни қилмасин. Йўқса, аламли азобга дучор бўлади.
«Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар».
Шунинг учун гапни чўзмай, Аллоҳнинг айтганини дарҳол бажо келтиринг.
«Агар сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида... Ва, албатта, Аллоҳ ўта шафқатли ва раҳмли бўлмаганида...» қилган қилмишларингиз учун азоб-уқубатга дучор бўлишингиз турган гап эди.
Ифк ҳодисасида бўлгани каби, миш-мишларга берилиб, тўғри келган гапни тиллар билан илиб олиб, оғизлар билан гапиравериш шайтоннинг изидан эргашиш экани, унга эргашишнинг оқибати ёмон бўлиши ва яна Аллоҳнинг фазли билангина мўминларга яхшилик етиши келгуси оятда баён қилинади:
«Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у(шайтон) фоҳиша ва мункар(ёмон иш)га буюрадир. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида, абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир».
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларига улар энг яхши кўрган хитоб билан мурожаат қилмоқда.
«Эй иймон келтирганлар!»
Мўминларга ўзларининг иймон сифатлари билан хитоб қилиниши жуда ҳам ёқимлидир. Кўпинча, Аллоҳ таоло мўминларни бирон қийин ишга чорламоқчи бўлса, шундай хитоб қилади. Аммо бу оятда тамоман бошқача ҳолат. Уларнинг мўминликларини зикр эта туриб:
«Шайтоннинг изидан эргашманг», демоқда.
Яъни, ифк ҳодисасида ўз тасарруфингиз ила шайтоннинг изидан эргашдингиз. Мўмин бўлиб туриб, шайтоннинг измига юриш қандоқ бўлди?! Шу гапнинг ўзи ҳар бир мўмин учун жуда ҳам оғир гап. Чунки мўмин одамнинг шайтоннинг изидан юриши жуда катта мусибат. Мўмин одамнинг Роҳманнинг йўлидан юрмаслиги жуда катта мусибат. Чунки:
«Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у (шайтон) фоҳиша ва мункар(ёмон иш)га буюрадир».
Шайтоннинг табиати шу. Шайтоннинг ичган қасами шу. Ифк ҳодисаси ҳам шунинг ёрқин мисоли. Бу ҳодисада ҳам шайтон ўзига эргашганларни фаҳшга, мункар ишга буюрди. Оқибатда, ким унга эргашган бўлса, гуноҳкор бўлди.
«Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида, абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди».
Покиза одамларни зинода айблаб, туҳматнинг гуноҳига ботиб, шу гуноҳ билан булғаниб, охиратга жазога мустаҳиқ бўлиб борар эди.
«Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклар».
Аллоҳ таоло поклашга лойиқ одамни поклайди.
Чунки:
«Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир».
Ҳамма нарсани эшитиб, ҳамма нарсани билиб туради. Ана шунинг учун ҳам кимни поклашни Ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло Ўзи билиб, ҳақиқий мўминларни ифк ҳодисаси гуноҳларидан поклади. Поклашга сазовор кишиларни поклади. Мусулмонлар жамоасини ҳидоятга солди, ифк ҳодисасидан ўзларини ўнглаб олишга имкон берди. Ифкка билмасдан қўшилиб қолган ҳақиқий мўминлар–Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса ва Ҳамна бинти Жаҳшларни (розийаллоҳу анҳум) эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қазф (зинода айблаш)нинг ҳаддини қоим қилиш билан оқладилар. Уларнинг ҳар бирига саксон дарра урилди. Бу эса, ўз навбатида, уларни поклаш эди. Улар учун бу бахт-саодат эди. Бу ҳол уларни Аллоҳ таоло поклашга лойиқ яхши одамлар деб топганидан эди. Чунки поклашга сазовор эмасларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дарра уришни буюрмадилар. Ҳатто фитнанинг боши Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва унинг энг яқин шериги Зайд ибн Рифоъаларга ҳам дарра урдирмадилар. Бу мунофиқлар исломий, гуноҳдан покловчи жазога сазовор одамлар эмас эди. Улар охиратга гуноҳларини бутун ҳолда кўтариб боришлари керак эди.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларини Ўз фазли-карами ила кечириб, уларни поклаганлиги ҳақидаги хабардан кейин, келгуси оятда мўминлар ҳам бир-биларини кечиришлари лозимлиги уқтирилади.
«Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир».
Аввал айтиб ўтилганидек, юқоридаги оятларда Ойиша онамизнинг покликлари собит бўлганидан кейин, Ҳазрати Абу Бакр қариндошларидан бирига–фақир, Бадр уруши иштирокчиси, муҳожир Мистоҳ ибн Асоса розияллоҳу анҳуга Ойиша онамизга туҳмат қилгани учун нафақа бермасликка қасам ичган эдилар. Аллоҳ бу оятни нозил қилиб, у кишининг қилаётган ушбу иши тўғри эмаслигини баён этди.
Нима бўлганда ҳам, мўмин одамга нафақа беришдек яхши амални қилмасликка қасам ичиш мусулмон кишига муносиб эмас.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ривоят қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа саҳобалар ҳам ифк ҳодисасига қўшилганларга нафақа бермасликка қасам ичган эканлар. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин барчалари ўша кишиларга нафақа беришни қайтадан бошлаган эканлар.
Аллоҳ таоло мўминларни бир-бирларини авф этиб, кечириб юборишга чақириш билан бирга:
«Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?!» деб биродарини кечирган мўмин мағфират қилинишини эълон этмоқда. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Абу Бакр оят нозил бўлиши билан дарҳол: «Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мистоҳ розияллоҳу анҳуга нафақа беришни давом эттирдилар.
Шу билан бирга, мўминлар ҳам бир-бирларининг гуноҳларини кечириб юбордилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда бош бўлдилар. Ойиша онамиз розияллоҳу анҳу эса, ўзларига бўҳтон қилган Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга қандоқ яхши муомалада бўлганларини юқорида эслатиб ўтдик. Ана шундай шаклда Ислом жамияти доимо покланиб бормоғи лозим.
Вақтида ўзини ўнглаб, тавба қилган кишиларни Аллоҳ таоло мағфират этиб, жабрланган мўминларга ҳам уларни кечиришни буюради. Аммо тавба қилмасдан, нобакорлигида давом этиб, покиза кишиларни нопок ишларда айблаб юрганларга мағфират йўқ, бу дунёда азоб уқубатдан қутулиб кетсалар ҳам, у дунёда, албатта, жазоларини оладилар.

23. Албатта, покиза, ғофила ва мўмина аёлларга (бўҳтон) тоши отганлар, бу дунёю охиратда лаънатланурлар. Уларга катта азоб бордур.
Бузуқ ишлардан пок, фоҳишаликдан умуман бехабар аёлларни ва мўминаларни зинода айблаб, уларга бўҳтон тоши отадиганлар жуда ёмон одамлардир. Улар ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда лаънатга учрайдилар.
Охиратда эса, уларга катта азоб бордир.

24. У кунда тиллари, қўллари ва оёқлари қилиб юрган амаллари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берур.
Улар бу дунёда покиза, ғофила, мўминаларга ёлғондан гувоҳлик берган бўлсалар, қиёмат кунида уларга ўз тиллари, қўллари ва оёқлари рост гувоҳлик беради. Нима гапирганларини, нима иш қилганларини очиқ-ойдин, ҳеч рад этиб бўлмайдиган даражада айтиб беради.

25. Ўша кунда Аллоҳ уларнинг ҳақ жазоларини тўлиқ берур ва улар Аллоҳнинг Ўзи очиқ ҳақ эканини билурлар.
Қиёмат кунида Аллоҳ таоло уларга тегишли жазони ҳақ–адолат ила тўла беради. Ана ўшанда бу дунёда улар ишонмай юрган Парвардигорлари:
«...Аллоҳнинг Ўзи очиқ ҳақ эканини билурлар».
Имом Бухорий, Имом Муслим ва имом ибн Абу Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтишларича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етти ҳалок қилувчи гуноҳдан четда бўлинглар», дедилар. Одамлар:
«Улар нималар, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ширк келтириш; сеҳр; Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш; рибохўрлик қилиш; етимнинг молини ейиш; урушда орқага қочиш; покиза, ғофила, мўмина аёлларга туҳмат тошини отиш», дедилар.
Ҳофиз Абул Қосим ат-Табароний Хузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Покиза аёлга бўҳтон тоши отиш юз йиллик амални бузади», деган эканлар.
Ифк ҳодисаси ҳақидаги оятларни Аллоҳ таоло қуйидаги оят билан якунлайди.

26. Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Ана ўшалар у(бўҳтончи)лар айтаётган нарсалардан поклангандирлар. Уларга мағфират ва гўзал ризқ бордир.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло исломий жамият ҳаётидаги муҳим бир асосни баён қилмоқда. У ҳам бўлса, нопок қалблар ўзларига ўхшаган нопоклар билан топишиши, ўз навбатида, пок қалблар ўзидек покиза қалблар билан топишиб бирлашишидир. Асли нопок инсондан доимо нопоклик содир бўлади. У ўзига ўхшаган нопокларни ёқтиради, улар билан топишади, доим бирга бўлади. Лекин пок кишиларга қўшила олмайди. Шунингдек, пок одам ҳам доимо поклик билан яшайди. Пок кишиларни қидиради, топади, бирга бўлади. Эру хотин бўлишда ҳам шу. Пок хотинга пок эр, нопок хотинга нопок. Агар нопок билан пок бирлашиб қолса, бу ҳамдамлик узоққа бормайди. Чунки пок билан нопокнинг бирга бўлишлари амри маҳол. Шундай экан, Аллоҳ пок қилиб яратган, Пайғамбарликка танланган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ойишаи Сиддиқани ҳамма аёлларидан яхши кўришлари у аёлнинг ниҳоятда поклиги сабабидан эмасми?! Ойиша онамизда заррача нопоклик бўлганида, у муҳтарама зотни Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалар яхши кўришлари мумкин эдими?!
Ана ўша пок эр ва аёллар бўҳтончилар уларга қўяётган айблардан покдирлар.
«Уларга мағфират ва гўзал ризқ бордир».
Уларга бу дунёда мағфират–гуноҳларини кечиш ва у дунёда гўзал ризқ–жаннат бордир.
Шу билан ифк ҳодисаси — мусулмонлар жамоасини катта мусибатга солган ҳодиса ҳақидаги оятлар ниҳоясига етди. Бу ҳодиса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оиласининг поклигини ва бу оилани Аллоҳнинг Ўзи сақлашини исбот этди.
Нур сурасининг бошидан то шу еригача жамиятда содир бўлиши мумкин бўлган бузғунчиликлар, зино, зинода айблаш, беайб одамлар ҳақида бузуқи миш-мишлар тарқатиш хусусида, уларнинг жазоси, оқибати ҳақида сўз кетди. Эндиги оятларда эса, ўша бузғунчиликларнинг олдини олиш, уларнинг Ислом жамиятида юз беришига йўл қўймаслик чоралари баён этилади.

27. Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз.
Жоҳилият даври арабларида кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, уларнинг шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш маданияти йўқ эди. Бировнинг уйига, эрталабки салом, кечки салом, деб тўғри кириб боришаверади. Уйда аёллар борлиги, уй эгаларининг турли ҳолда бўлишлари мумкинлиги ҳеч мулоҳаза қилинмасди. Бу эса, ўтакетган беодоблик ва турли ёмонликларга, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолат эди. Шунинг учун ҳам Исломда ушбу ояти карима билан ҳар бир шахснинг шахсий ҳурмати, уйнинг дахлсизлиги ҳаққи собит этилди. Исломда биров яшаб турган жойга бошқа шахснинг, ким бўлишидан қатъи назар, ўша жой соҳибининг изнисиз киришга ҳаққи йўқ.
«Эй иймон келтирганлар!ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг».
Ушбу ояти каримага биноан, бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам уй эгасининг изни билангина ва у ердагиларга салом бериб кирмоғи лозим.
Шундай қилсалар, мўминларнинг ўзлари учун яхшидир.
«Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз».
Ушбу оятга амал қилинса, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирилсагина, турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганларини кўриб қолса, гуноҳ бўлади. Икки томон ҳам ҳижолатга тушади. Балки хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Баъзи ҳолларда уйда аёл киши ёлғиз бўлиши, устига бегона эркак кириб, орада иғво, бўҳтон, фитна чиқиши мумкин. Ёки, аксинча, ёлғиз эркак олдига бегона аёл киши кириб қолиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатлардан доимо узоқ бўлиш керак.
Исломда нафақат бировнинг уйига рухсатсиз кириш, балки назар солиш ҳам, ҳатто мактубини изнсиз ўқиш ҳам тақиқланади.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар», деганлар.
Имом Абу Довуд Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, худди дўзах оташига назар солгандек бўлади», дерлар.
Ушбу икки ҳадиси шарифдан Исломда шахснинг дахлсизлиги ниҳоятда юқори даражада ҳимоя қилиниши кўриниб турибди. Бировнинг уйига рухсатсиз кириб бориш у ёқда турсин, рухсатсиз қараш, кўз ташлаш ҳам мумкин эмас. Чунки кўз ташлаган одам ичкарида уй эгаси, унинг аҳли аёлини ҳар хил ҳолатда кўриши, бошқалардан сир тутган нарсаларидан воқиф бўлиб қолиши мумкин. Яна бошқа кўпгина ноқулай ҳолатлар вужудга келиши эҳтимоли бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бировнинг ҳовлисига рухсатсиз назар солган одамнинг кўзини ўйиб олса, уй эгаси хун бермаслиги ҳақидаги гаплари эса, бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган одам катта жиноят қилганидан дарак беради. Одатда, бировнинг кўзига зарар етказган одамдан қасос олинади. Яъни, унинг ҳам кўзига зарар етказилади ёки хун ундирилади. Фақат тажовузкор тажовуз қилган пайтда ўзини ҳимоя этиб кўзини ўйиб олган бўлса, унда хун тўламаслиги мумкин. Бу масалада бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган хиёнаткор кўзни тажовузкор ҳисоб қилингандир.
Шунингдек, бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки зўрлик қилиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз назар солиш ҳам мумкин эмас. Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробар эканлиги оддий гап эмас.
Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик ҳаром бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик ҳаромдир.
Бировнинг ҳузурига киришга изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бордир. Мусулмон кишилар ушбу исломий одобларга амал қилмоқлари лозимдир. Аввало, изн сўраётган одам ҳовлига, уй ичига назар солмасдан, бошқа томонга қараб туриб изн сўраши керак.
Имом Абу Довуд Ҳузайл ибн Шарҳабийлдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига қараб туриб изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга, сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир, дедилар».
Яъни, бировнинг уйига назар тушмаслиги учун изн сўраш жорий қилинган, ичкарига қараб туриб изн сўрашнинг нима кераги бор.
Шунинг учун ҳам изн сўрамоқчи бўлган кишилар эшикка юзма-юз ҳолатда эмас, балки ўнг ёки чап тарафлари билан турмоқлари лозим.
Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр этилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикка юз тикиб турмас эдилар. Балки ўнг ёки чап томонлари билан турар ва «Ассалому алайкум, Ассалому алайкум», дер эдилар».
Имом Абу Довуд Амр ибн Маъд ас-Сақафийдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўрамоқчи бўлиб:
«Кираверайми?  Кираверайми?!» деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Равза исмли хизматчи аёлга:
«Анавининг олдига чиқиб, ўргатгин, у изн сўрашни билмас экан, унга айтки, «Ассалому алайкум, кираверайми, десин», дедилар».
Одоб бўйича, изн сўрайдиган одам исмини аниқ айтиб, очиқ изн сўраши ва салом бериб кириши лозим.
Имом Абу Довуд Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши отасининг қарзи хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганлари ҳақида шундай дейдилар:
«Эшикни қоқдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу ким?!» дедилар. Мен:
«Менман!» дедим. У зот норози оҳангда:
«Мен, мен...» дедилар».
Калда ибн Ҳанбал исмли киши келиб, салом бермасдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Орқангга қайт! Ассалому алайкум, дегин», дедилар.
Имом Абу Довуд қилган ривоятда айтилишича, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсалар: «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ, Умар кираверсинми?» дер эдилар.
Изн сўровчи уч марта сўраши, ундан оширмаслиги лозим.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин», деганлар.
Чунки уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган шахсни қабул қилиш имконлари йўқ бўлиши мумкин.
Изн деганда уй эгасининг ёки у томондан вакил қилинган шахснинг изни кўзда тутилади. Уйга эга бўлмаган ёки уй эгаси томонидан вакил қилинмаган одамнинг изни ҳисобга ўтмайди.
Изн сўровчи тихирлик қилмаслиги, одоб билан уч мартагача изн сўраши, жавоб бўлмаса, қайтиб кетмоғи лозим.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Қайс ибн Саъд ибн Убайда қуйидагиларни зикр қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйимизга зиёрат қилиб келдилар ва:
«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Шунда Саъд секингина жавоб қайтарди. Қайс унга:
«Нима, Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам изн бермайсизми?!» деди. Саъд:
«Жим тур! Бизга кўпроқ салом берсинлар!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:
«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Саъд яна секингина жавоб қайтарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:
«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», дедилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб кета бошладилар. Шунда Саъд ортларидан бориб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен саломингизни эшитиб, секингина жавоб берган эдим. Сизнинг саломингиз бизга кўп бўлишини орзу қилувдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан бирга қайтиб келдилар».
Агар изн сўровчи уйда бировни топа олмаса, қайтиб кетади. Шунингдек, ичкарига киришга рухсат берилмаса ҳам қайтиб кетади.

28. Бас, агар у(уй)ларда бирортани топмасангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманг. Агар сизга, қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билгувчидир.
Ояти каримадаги
«Бас, агар у(уй)ларда бирортани топмасангиз, то сизга изн берилмагунча, уларга кирманг», деган биринчи жумладан икки хил маъно чиқади.
Биринчиси, сиз чақирганингизда биров жавоб бермаса, уларга кирманг, яъни, уйда одам борлиги билиниб турса ҳам, жавоб бермаяптими, то изн бермагунча, уйга кирманг, дегани.
Иккинчи маъно, уйнинг эгаси ёки у вакил қилган одам йўқ бўлса, ўшалар биров орқали бўлса ҳам, изн бермагунча, кирманг, дегани.
Мисол учун, уй эгаси ташқарида бирор иш билан машғул, унга хабар борганда, меҳмон кириб ўтириб турсин, ҳозир бораман, деса изн берган бўлади.
Агар уйда умуман одам бўлмаса, шубҳасиз, кириш мумкин эмас.
«Агар сизга, қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир».
Яъни, сиз киришга изн сўраган пайтингизда ичкаридан, қайтинг, деган жавоб бўлса, қайтинг, ўша қайтишингиз сиз учун пок ишдир.
Шу билан бирга, қайтувчи кўнглига олмаслиги, хафа бўлмаслиги, уй эгалари мени ҳурматсиз қилди, деган хаёлга бормаслиги керак. Чунки ҳар бир одам хоҳлаганини уйига киритиш ёки киритмаслик ҳақига эга. Бирор иш билан машғул бўлиши мумкин. Яна уй эгасининг ўзигагина маълум бошқа сабаблар бўлиши мумкин. Ушбу ояти каримага биноан, изн бермагандан кейин эшик олдида турмасдан, қайтиб кетиш зарур.
«Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билгувчидир».
Жумладан, изн сўраш, бировнинг ҳовли-жойига изнсиз назар солиш ва шунга ўхшаш ишларда ҳам қандай йўл тутаётганингизни Аллоҳнинг Ўзи яхши билади ва кези келганда ҳисоб-китоб қилади. Гарчи ояти каримада уй эгасига изн сўраб келган одамга «қайтинг» дейиш ҳуқуқи берилган бўлса ҳам, мусулмонлар меҳмондўстликлари, мусофирпарварликлари, бир-бирларини ва ўзгаларни жуда ҳурмат қилишлари туфайли бу рухсатдан фойдаланмаганлар. Яъни, уйларига келиб, киришга изн сўраганларга, қайтинг, деб айтмаганлар. Саҳобаи киромлардан баъзилари, ушбу оятга амал қилиш учун жуда кўп уриндик, бировнинг уйига чақириб борганимизда, қайтинг, деган жавоб бўлсаю ортимизга дарҳол қайтиб, ояти каримага амал қилиш шарафига муяссар бўлсак, дердик, аммо иложи топилмади. Қаерга борсак, киринг, деган жавоб олдик, деганлар.

29. Маскан бўлмаган, сиз учун фойда бор уйларга (изнсиз) киришингизда гуноҳ йўқдир. Аллоҳ нимани ошкор қилаётганингизни ва нимани яширин қилаётганингизни биладир.
Ояти каримадаги
«Маскан бўлмаган, сиз учун фойда бор уйлар»дан мурод меҳмонхона, карвонсарой, чойхона, дўконлар каби кўпчиликка аталган жойлардир. Ундай жойлар турли одамларнинг кириши учун тайёрлаб қўйилган. Аввал ичига кирмаса, иш битириб ҳам бўлмайди. Албатта, меҳмонхона ёки шунга ўхшаш жойларда маълум хонани ижарага олгандан кейин, ўша ижарачидан изн сўрамай, у хонага кириб бўлмайди.
Ушбу ояти каримадаги таълимотлардан кўриниб турибдики, Қуръони Карим исломий ҳаёт тарзини ўргатувчи илоҳий китобдир. У ижтимоий ҳаётдаги мазкур масалаларга ўхшаш жузъий бўлиб кўринган одоб-ахлоқларни ҳам баён қилиб беради. Бировнинг турар жойига фақат изн сўраб, рухсат берилгандан кейингина кириш мумкинлигини жорий қилиш билан ҳар бир инсонга катта бир инсоний ҳақ ато этилгандир. Инсон ўзини энг эркин, энг тинч, энг хотиржам сезадиган жой унинг уйидир. Инсон ўз уйида бемалол бўла олмаса, ҳаёт ташвишларидан қаерда фориғ бўлиб, қаерда ҳордиқ чиқаради? Шунинг учун ҳам Ислом дини инсонларни етарли даражада дахлсизлик билан таъминлаган. Ҳеч ким бировнинг турар жойига изнсиз киришга ҳақли эмас.
Албатта, фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно. Мисол учун бирор уйга ўт кетганида ёки уй эгалари, уларнинг молу мулки хавф-хатар остида қолганида, ёрдам бериш учун изнсиз кирилади.
Изн сўраб киришнинг энг катта фойдалари фоҳиша ишларнинг олди олинишида, бехосдан авратларга кўз тушишдан, номаҳрамлар хилватда бирга қолишидан, турли шубҳалар, ношаръий ҳолатлар юзага келишидан сақланишда кўринади. Булар суранинг сиёқига мос эканлиги олдин ҳам айтиб ўтилди.
Зино ва зинода айблашнинг олдини олиш учун жорий қилинган изн сўраб кириш ҳақидаги оятлардан кейин энди яна ўша мақсадни амалга ошириш учун ниҳоятда зарур бўлган омиллар зикр этилади.

30. Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир.
Ушбу ояти каримада зинодан сақланишнинг энг бош омили–номаҳрам аёлларга эркакларнинг шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийишга ва фаржларни зинодан сақлашга буюришни амр этмоқда.
Бу дегани, эркак киши аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин, деганидир. Чунки аёл кишига бир муддат давомий қараш эркак одамда шаҳвоний туйғуни қўзғотади. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши ҳам мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса, уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради».
Мусулмон эркак номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги лозим.
Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир», деганлар.
Дарҳақиқат, биринчи назарда зарур мақсад ҳосил бўлади. Аммо кетма-кет қараш, аввал айтилганидек, шаҳват қўзғотади.
Шунингдек, бехосдан назар тушиши ҳам гуноҳ эмас.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ал-Бажарий розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бехосдан тушган назар ҳақида сўраган эдим, кўзимни бошқа томонга буришни амр қилдилар», дерлар.
Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилибгина қолмай, балки бк амрга риоя этганлари учун ажру савоб ва маънавий мукофотлар ҳам ваъда қилинади.
Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.
Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир мусулмон бир аёлнинг гўзалликларига назари тушсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», деганлар.
Эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтарувчи ушбу оятни нотўғри талқин қилиб, Аллоҳ эркакларни аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарган, аёллар ўзларини авайлаб, шаръий кийимда юришга амр қилинмаган, дейиш мутлақо нотўғридир. Чунки аёлларнинг ҳижобда юришлари лозимлиги ҳақида бошқа оятларда ҳукм бор.
Номаҳрам аёлларга назар солмаслик ҳақидаги амрдан бир неча ҳолатлар истисно қилинган. Масалан, бир одам уйланмоқчи бўлса, у аёлга назар солиши нафақат мумкин, балки мустаҳабдир.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Уни кўрдингми?» деб сўрадилар. Мен: «Йўқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен уни кўргин, бу, албатта, ораларингизда яқинлик ҳосил қилади», дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи бўлган кишига: «Сен уни кўргин, ансорийларнинг кўзларида бир нарса бўлади», деганлар.
Имом Аҳмад Абу Ҳумайддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз бир аёлга уйланмоқчи бўлса, унга назар солмоғида гуноҳ йўқдир, чунки у уйланмоқ ниятида назар солади», деганлар.
Шунингдек, жиноятчини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказаётган шахслар ҳам шу мажбурият юзасидан аёл кишининг юзига қараса бўлади.
Қози хусумат билан ёки гувоҳлик учун келган аёлга ҳукм чиқариш мақсадида вазифа юзасидан қараса, мумкин. Табиб ҳам тиббий мақсадларда қараса, жоиз. Албатта, бу ҳолатларда синчиклаб қараш ҳақида сўз кетмоқда.
Ояти каримадаги «ва фаржларини сақласинлар» ибораси фақат фаржни зинодан сақлашни эмас, бошқа ҳаром нарсалардан ҳам, жумладан, бошқаларнинг назари тушишидан ҳам сақлашни ўз ичига олади. Аввало, бировнинг авратига қарашдан кўзни тийиш керак. Фақат эркакларнинг хотинларнинг аврат жойларига қараши тақиқланаётгани йўқ, балки эркак эркак кишининг авратига, аёл аёл кишининг авратига қараши ҳам ман этилмоқда.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эр киши эр кишининг авратига назар солмайди, аёл киши аёл кишининг авратига назар солмайди», деганлар.
Имом Абу Довуд Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам сонига назар солма», деганлар.
Шу ўринда ўз-ўзидан, эркак кишининг қайси жойлари аврат ҳисобланади, деган савол келиб чиқади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг аврати киндигидан тиззасигача эканини айтганлар. Мусулмон эркак киши авратини бошқаларга кўрсатмаслиги лозимдир.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда саҳобалардан Журҳад ал-Асламий: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан ўтирган эдилар, сонимнинг очиқ турганини кўриб: «Сон аврат эканини билмайсанми?!» дедилар», деб айтганлар.
Шунингдек, киши ўзи ёлғиз қолганида ҳам ялонғоч бўлиб юриши яхши эмас.
Имом Термизий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар, чунки фақат қазои ҳожат ва аҳлига яқинлашиш пайтидагина ажраладиган зотлар сизлар билан доимо биргадирлар».
Яъни, фаришталар доим сизлар билан бирга, улардан уялинг, деганлар.
Имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр этилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз хотининг ва чўрингдан бошқасидан авратингни беркит», дедилар. Бир сўровчи: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар бир киши ўзи холи бўлса-чи?» деб сўради. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таборака ва таоло ундан ҳаё қилмоққа ҳақлироқдир», дедилар.
Бу эркакларга тегишли масалалар. Аёлларга тегишли масалалар эса, қуйидаги оятда келади. Эй Муҳаммад!

31. Сен мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар».
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва аврат беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришини буюрмоқда.
«Сен мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар...»
Мусулмон эркаклар каби, муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади. Агар бехосдан назарлари тушса, кўзларини бошқа томонга буришлари керак. Чунки аёлларнинг эркакларга давомли назар солишлари ҳам ўртада фитна, ҳаром ишлар, зино келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, аёл киши бошқа аёлнинг авратига назар солиши ҳам ман этилади. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир.
Уламоларимиз Қуръони Карим оятларини ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўрганиб чиқиб, аёлларнинг эркакларга назар солишида енгил йўл тутилганини таъкидлашган.
Аёллар бир жойда ўтириб олиб, номаҳрам эркакка ноўрин қарамоқликлари ҳаром. Аммо кўча-кўйдаги ёки ҳаром бўлмаган ўйинлар ўйнаётган эркакларга узоқдан қарасалар, майли.
Имом Бухорий, Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни хабашийларнинг масжиддаги ўйинларига қараб турганларида Ойиша онамиз ҳам у зотнинг орқаларидан туриб томоша қилганлар. У зот Ойиша онамизни улардан тўсиб турганлар. Ойиша онамиз ўзларига малол келгандагина қайтиб кетганлар.
Шу билан бирга, ўша пайтда аёлларнинг масжид, бозор ва бошқа жойларга боришига рухсат берилган. Сафарларга чиққанлар. Табиийки, бу ҳолатларда эркакларни кўрадилар.
«...фаржларини сақласинлар...»
Бу ибора эркаклардаги каби аёлларда ҳам икки маънони ифода этади: аёллар фаржларини ҳаром иш, зинодан сақласинлар ҳамда бировнинг назари тушишидан сақласинлар.
Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Маълумки, муслима аёлга баданини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилгандир. Мўмина-муслима аёл шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса, юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган, тор бўлмаслиги ҳам зарур. Номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак.
Имом Абу Довуд Ойиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда у зотнинг олдиларига опалари Асмаъ бинти Абу Бакр юпқа кийим билан кирганларида, у ерда ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олганлар ва: «Эй Асмаъ, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилганлари айтилган.
Ибн Жарир Табарий ўз тафсирларида Ойиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадиларки: «Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгирдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши балоғатга етгандан кейин ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», деб ўз билакларини тутумлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутумча жой қолди».
Ҳанафий мазҳаби уламолари аёл кишига юз ва кафтларини очиб юришга изн берар эканлар, юз ва қўлни зийнатламасдан, табиий ҳолда тутишни шарт қилиб қўядилар.
«...ва зийнатларини кўрсатмасинлар...»
Зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади.
Исломда аёл кишига зебу зийнат ҳалол қилинган. Чунки чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Аллоҳ уларни шундай қилиб яратган. Ҳар бир аёл чиройли кўрингиси келади. Замон ўтиши билан зийнат ўзгариши мумкин, аммо аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати ўзгармайди. Ислом аёл кишидаги ушбу рағбатни эътиборга олади. Аёл кишига зийнатланишга рухсат беради. Шу маънода эркакларга ҳаром қилинган тилла, кумуш ва шойи ипаклар аёллар учун ҳалолдир. Лекин Исломда ушбу зебу зийнатнинг таъсир доираси тартибга солинган. Аёлларнинг зебу зийнатлари номаҳрам–бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишга, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак. Аёл киши шунинг учун ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим.
«...магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли)».
Яъни, беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. Мисол учун, беихтиёр шамол турибми ёки бошқа сабабданми, зийнати зоҳир бўлиб кўриниб қолса, гуноҳ ҳисобланмайди.
«Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар».
Яъни, бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин.
Ушбу амру фармонларни ҳақиқий мўмина аёллар улкан итоат билан кутиб олганлар. Чунки уларнинг қалблари илоҳий нур ила мунаввар эди. Уларнинг нафслари зийнатларини кўз-кўз қилишни истаса ҳам, ўзлари Аллоҳнинг фармонига сўзсиз бўйинсунганлар. Жоҳилият даврида аёллар иффат ва шарм-ҳаё билан кийинишни билмас эдилар. Чиройларини кўз-кўз қилишда мусобақалашар эдилар. Соч ўримларини, бўйинларини, томоқларини, қулоқларидаги тақинчоқларини, ҳатто кўксиларини очиб юрар эдилар. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин мўмина аёллар тамоман бошқа ҳолатга кирдилар. Буни Ойиша онамиз ҳам жуда яхши англатиб қўйганлар.
Имом Бухорий қилган ривоятда Ойиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Биринчи муҳожир аёлларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Аллоҳ «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилиши билан дарҳол жилбоб-тўнларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар».
Имом Абу Довуд қилган ривоятда эса, Софиййа бинти Шайбар розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар: «Биз Ойишанинг олдида ўтириб Қурайш аёллари ва уларнинг фазилатларини зикр қилдик. Шунда Ойиша розияллоҳу анҳо: «Албатта, Қурайш аёлларининг фазли бор. Аммо мен, Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг китобини тақсимлашда ва нозил бўлган нарсага иймон келтириш борасида ансорий аёллардан афзалини кўрмадим. Сураи Нурдаги «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» ояти нозил бўлганда, эрлари Аллоҳ улар учун нозил этган нарсани тиловат қилиб бердилар. Эркаклар ўз хотини, қизи, синглиси ва ҳар бир аёл қариндошига тиловат қилдилар. Бирорта ҳам аёл қолмай, ҳаммаси дарҳол тўнини олиб, бошига ёпди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан (намозда) худди бошларида қарға тургандек (қора ёпинчиқ билан) турар эдилар».
Шундай қилиб, Исломда гўзалликдан завқланиш ҳалол ва тўғри йўлга қўйилди. Аёлларнинг чиройи ва зебу зийнатлари бегона эркакларнинг ҳирсларини қўзғаш учун кўз-кўз эмас, балки ўзларининг жуфти ҳалолларига ҳалол завқ берадиган бўлди.
Шунингдек, аёлларга шаҳват билан қарамайдиган эркаклар ҳам айтиб қўйилди.
«Зийнатларини кўрсатмасинлар...»
Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини кўрсатиб юриши мутлақо мумкин эмас.
«...магар...»
қуйидагиларга кўрсатсалар, майли:
1. «Эрларига...»
Муслима аёлнинг зийнатларини кўришга энг ҳақли одам унинг эридир. Шунингдек, эр аёл танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир.
2. «...ё оталарига...»
Мўмина-муслима аёлга унинг отаси энг бош маҳрам бўлади. Шунинг учун унга зийнатини кўрсатса, ҳалол. Ота ва ундан кейин зикр қилинадиган маҳрамлари учун аёлнинг никоҳи ҳаромдир, улар унга уйланишни, умуман шаҳват билан қарашни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Шунинг учун мўмина аёл ушбу маҳрамларга зийнатини кўрсатса, бўлади. Юзини, қўлини, оёғини ва уй ичида очиб юришга мажбур бўладиган баъзи аъзоларини, жумладан хамир қилаётганда билагини, уй супураётганда болдирини кўрсатсалар, гуноҳи йўқ. Эҳтиёж юзасидан рухсат берилган.
«Оталар» дейилганда катта ота, бобо ва боболарининг оталари ҳам кўзда тутилади.
3. «...ё эрларининг оталарига...»
Яъни, қайин оталарига. Бунга қайин отанинг оталари ва катта қайин оталарнинг оталари ҳам киради. Улар ҳам ота ўрнида. Улар ҳам келинларига маҳрам, ўртадаги муносабатда уйланиш ёки шаҳват назари деган нарсаларнинг бўлиши мумкин эмас.
4. «...ё ўғилларига...»
Бунга ўз ўғиллари, ўғилларидан ва қизларидан бўлган ўғил набира ва чабиралар киради. Буларнинг ҳаммаси ҳам аёл киши учун маҳрам, улар орасида оила қуриш ёки шаҳват билан қараш умуман мумкин бўлмаган иш, шунинг учун ҳам муслима аёлга уларга зийнатини кўрсатишга рухсат берилган.
5. «...ё эрларининг ўғилларига...»
Яъни, эрларининг бошқа хотиндан бўлган ўғиллари. Булар ҳам мўмина-муслима аёл учун маҳрам саналади. Ораларида никоҳ бўлиши мутлақо мумкин эмас. Чунки ўртада она-болалик алоқаси бор. Шунинг учун зебу зийнат ва чирой ўртада шаҳватни уйғотмайди.
6. «...ё ака-укаларига...»
Бунда туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва она бир ака-укалар ҳаммаси баробардирлар. Уларнинг барчаси маҳрам ҳисобланадилар, сингилларининг зийнатини кўрсалар, майли.
7. «...ё ака-укаларининг ўғилларига...»
Бунда ҳам туғишган, ота бир ва она бир ака-укаларнинг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл ака-укаларнинг фарзандларига амма бўлади. Ўртада маҳрамлик бор, уйланиш ёки шаҳват билан қараш умуман бўлиши мумкин эмас. Бошқа маҳрамлар қатори булар ҳам ҳаёт тақозоси ила доимо бир-бирлари билан кўришиб, аралашиб туришга эҳтиёжлари бор. Шунинг учун ҳам жиянларига аммаларининг зийнатларига қарашларига рухсат берилган.
8. «...ё опа-сингилларининг ўғилларига...»
Бу ҳолатда ҳам туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларининг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл улар учун хола бўлади. Ўртада маҳрамлик бор. Шунинг учун мўмина аёл зийнатларини уларга кўрсатса, бўлади.
Аммо мўмина-муслима аёлнинг эркак маҳрамлари бу билан тугамайди. Оятда зикри келмаган маҳрамлар ҳам бор. Мисол учун, амакилар, тоғалар ва куёвлар. Шунингдек, эмикдошлик орқали маҳрам бўлганлар бор. Улар ҳақида ояти каримада бирор нарса дейилмаган бўлса ҳам, ҳадисларда келган ҳукмлардан қиёс қилиб, мўмина-муслима аёл уларга зийнатини кўрсатса, гуноҳ йўқ, деб фатво берилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ойиша онамиз розияллоҳу анҳога эмикдошлик орқали амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, ҳижоб олишга рухсат бермаганлар. Шундай экан, насаб орқали бўлган амаки ва тоғаларга, албатта, зийнатини кўрсатишга рухсат бор.
Ҳадис илми соҳасидаги энг мўътабар олти китобда ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ларида Ойиша онамиздан ривоят қилинишича, Абул Қуъайснинг укаси Афлаҳ келиб, у кишининг ҳузурларига киришга изн сўраган. У Ойиша онамизга эмикдошлик орқали амаки эди. Ойиша онамиз бу ҳақда шундай дейдилар: «Мен унга изн беришдан бош тортдим. Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида қилган ишим хусусида у зотга хабар бердим. У зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам менга у (Афлаҳ)га изн беришимга амр қилдилар».
Имом Абу Довуд қилган ривоятда бу хусус яна ҳам равшанроқ баён этилган:
«Ойиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Ҳузуримга Афлоҳ келган эди, ундан яшириндим. У:
«Амакинг бўлсам ҳам, мендан қочасанми?!» деди. Мен:
«Қаердан менга амаки бўласан?!» дедим. У жавоб берди:
«Сени менинг акамнинг хотини эмизган», деди. Мен:
«Мени эмизса, аёл киши эмизган, эркак киши эмас», дедим. Сўнг олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар, мен бўлган гапни айтиб бердим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у амакинг бўлади, ҳузурингга кираверсин», дедилар».
Юқорида зикр қилинган маҳрамларнинг ҳаммаси абадий маҳрам ҳисобланадилар. Яъни, уларнинг мазкур мўмина аёлга уйланишлари абадий ҳаром қилингандир. Аммо маҳрамлиги вақтинчалик шахслар ҳам бўлади. Мисол учун, опа-сингилларининг эрлари вақтинчалик маҳрам саналади, яъни, опа билан никоҳда турган эркакка унинг синглисига уйланиши ҳаром саналади. Опа билан ажрашгандан кейингина сингилни никоҳига олиш ҳалол бўлади.
Уларга нисбатан қандай муомалада бўлиш керак? Бу ҳукм шариатда чегаралаб қўйилмаган. Уламоларимизнинг айтишларича, буни чегаралашнинг имкони ҳам йўқ. Чунки бундай қариндошлик алоқалари турлича бўлади. Шунинг учун ҳукми ҳам турлича. Бунда қариндошлик нисбати, ёш, ҳолатлар, бир жойда яшайдиларми ёки айричами ва бошқа омиллар ҳам эътиборга олинади.
Мисол учун, Ойиша онамизнинг опалари Асмаъ бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайинсингиллари бўлади ва у зотдан қочмаганлар. Уйларига бемалол кириб юрганлар. Ҳолбуки, икковлари орасидаги никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчалик бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг қизлари Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан қочмаганлар. Ҳолбуки, икковларининг ораларида никоҳ дуруст бўлган.
Шу билан бирга, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида Фазл ибн Аббосдан қочганлар. Ҳолбуки, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Фазл ибн Аббоснинг аммаларининг қизи бўлган. Шунга ўхшаш ҳолатларни ўрганган уламоларимиз, юқорида айтилганидек, бундай ишларда шароитга қараб ҳукм чиқарилади, деганлар.
Шунингдек, қариндошлигида шубҳа бўлган эркаклардан ҳам мўмина аёллар ўзларини ҳижобда тутганлари яхши, дейилади.
Энди маҳрам ҳисобланмаса ҳам, мўмина аёл зийнатини кўрсатса, бўладиган шахсларнинг зикри келади.
9. «...ё аёлларига...»
Яъни, мўмина аёллар аёлларга зийнатларини кўрсатсалар, бўлади. Уламоларимиз бу ҳақда турли фикрларни айтганлар. Баъзилари, «аёллар»дан мурод ҳамма хотинлар, деганлар. Баъзилари мусулмон аёлларни назарда тутганлар, бошқа бирлари эса, ўзларига тегишли хотинлар, деб айтганлар. Чунки фосиқа, фожира аёллар муслима аёлнинг авратини, зийнатини кўрса, унга яқинлашса, фисқу фужурга бошлаши, фитна чиқариши мумкин, дейишган.
10. «...ё ўз қўлларида мулк бўлганларга...»
Бу иборадан қул ва чўриларига зийнатларини кўрсатсалар, бўлаверади, деган маъно чиқади.
Аммо уламоларимиз бу ҳақда ҳам икки хил фикр айтишган. Биринчи тоифа уламоларимиз, бундан мурод фақат чўрилар, қуллар эмас, чунки қул ҳам номаҳрам эркак, шаҳвати бор, озод бўлгандан кейин ўз аёл хўжайинига уйланиши мумкин, дерлар. Ундай бўлса, аввал «аёлларга» деб туриб, кейин «чўриларига» дейишнинг нима ҳожати бор? Чўри ҳам аёл-ку, деган эътирозга, аввал ҳур аёллар зикр қилинди, кейин чўриларга мумкин эмас экан-да, деган гумон уйғонмасин учун улар ҳам санаб ўтилди, дерлар.
Иккинчи тоифа эса, «ё ўз қўлларида мулк бўлганларга» жумласидан мурод муслима аёлнинг мулки бўлган қул ва чўрилардир, бунда нафақат чўри, балки қул ҳам кўзда тутилган, дейдилар ва ўз гапларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан далил келтирадилар.
Имом Абу Довуд Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қул олиб келиб, Фотима розияллоҳу анҳога совға қиладилар. Фотима розияллоҳу анҳонинг эса, биттагина кийими бўлиб, бошини беркитса, оёғи очилиб қолар, оёғини беркитса, боши очилиб қолар эди. У кишининг қийналиб қолганини кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Майли, сенга ҳеч гап йўқ. Булар сенинг отанг ва ғуломинг», дедилар.
Имом Термизий ва бошқа имомлар Умму Салама онамиздан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларига: «Агар сизлардан бирортангизнинг мукотаби (баҳосини тўлаб, озод бўлишга келишган қули) бўлса ва у (ўз баҳосини) адо этишга имкони бўлса, ундан ҳижоблансин», деганлар. Яъни, бу одам озодлиги жуда яқинлашиб қолди. Энди у қул бўлмайди, шунинг учун ундан қочиш лозим, деганларидир.
11. «...ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга...»
Булар табиий, жисмоний жиҳатдан эркакликлари ўлган кимсалар бўлиб, қорин тўйғазиш учун одамларнинг хизматини қилиб юрадилар. Уларда умуман шаҳват, аёлларга қизиқиш деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Муслима аёл ана шундай одамларга ҳам зийнатини кўрсатса, бўлади.
12. «...ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли)...»
Чунки кичкина болалар аврат нима, шаҳват нима, билмайдилар.
Кўриш орқали фитна содир бўлмаслиги, зинога элтиш эҳтимоли уйғонмаслиги учун уларнинг йўли тўсилгандан кейин, энди эшитиш орқали фитна туғдирадиган йўлларни ҳам тўсиб, мўмина аёлларга:
«Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар», дейилмоқда.
Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилишига ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.
Шунинг учун, махфий зийнатларни ошкор этиш мақсадида ўша зийнатларнинг овозини қасддан чиқаришга ҳаракат қилиш ҳам Исломда тақиқланди.
Руҳшунос олимларнинг таъкидлашларича, баъзи одамларда аёлларнинг чиройини кўриб, шаҳвати қўзимаса ҳам, улардаги зийнатларнинг овозидан ҳирслари уйғонар экан. Ҳолбуки, Қуръони Карим бу ҳақиқатни бир минг тўрт юз йил муқаддам эътиборга олган.
Ушбу ояти каримадан олинган қоидага биноан, мўмина-муслима аёлларга бегона эркакларнинг шаҳватини қўзғатиб, фитнага сабаб бўлмасликлари учун нафақат ҳирсни қўзғотадиган овоз бериш, балки шунга восита бўлиб қоладиган бошқа нарсалар ҳам жоиз эмас. Шунинг учун ҳам мўмина-муслима аёлларнинг кўчага хушбўй атрлардан сепиб чиқишлари ман қилинган.
Имом Насаий бундай ривоят келтиради: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзларига йўлиққан бир аёлдан хушбўй ҳидни сезиб қолиб:
«Эй Жабборнинг бандаси, масжиддан келдингми?!» дедилар. У аёл:
«Ҳа», деб жавоб қайтарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:
«Мен ўз ҳабибим Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Аллоҳ таоло ушбу масжидга хушбўй атир сепиб келган аёлнинг намозини то у аёл жунубликдан кейин ғусул қилгандек ғусул қилмагунича қабул қилмайди», деганларини эшитганман, дедилар».
Имом Термизий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир кўз зинокордир. Қайси бир аёл атир сепиб олиб, бир мажлис аҳли олдидан ўтса, бундоқдир, бундоқдир», деб оғир нарсани айтганлар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ширали овоз билан эркаклар эътиборини тортишини ҳам ман қилганлар.
«Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки нажот топсангизлар».
Яъни, ушбу баён қилинган ҳолатларда сиздан хато ўтган бўлса, Аллоҳга тавба қилинг ва бу хатоларни бошқа такрорламанг. Шундагина нажот топишингиз мумкин.
Ўрни келганда, ушбу ҳукмларга боғлиқ бошқа масалаларни ҳам эслаб ўтиш лозим.
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларни бегона эркак билан, ҳатто эркак қариндоши билан ҳам ёлғиз қолишини ман қилганлар. Фақат ёнида маҳрами бўлсагина, бошқалар билан бир жойда турса бўлади.
Имом Термизий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри ғойиб аёлларнинг олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қонингизда юради», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, аксинчада, учинчилари шайтон бўлади», деганлар.
Агар номаҳрам эркак ва аёл бирга қолсалар, ҳеч бўлмаганда, бошқаларда шубҳа туғилади, турли гап-сўзлар кўпаяди. Бу эса, ифк ҳодисаси каби мусибатларга олиб келади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу масалада жуда ҳушёр бўлганлар.
Имом Абу Довуд келтирган ривоятда қуйидагилар баён қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганларида завжаи мутаҳҳаралари Софиййа онамиз кечаси у зотни зиёрат қилгани келдилар. Суҳбатлари тугаб, у киши қайтиб кетаётганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кузатиб эшик олдига бордилар. Икковлари гаплашиб турганларида ансорийлардан икки киши ўтиб қолдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тез юриб кета бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига:
«Шошманглар! Бу аёл Софиййа бинти Ҳуйайдир», дедилар. Улар:
«Субҳоналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, шайтон одамларнинг қон томирларида юради. Икковингизнинг қалбингизга бирор ёмонлик солмасин, деб қўрқдим», дедилар.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакнинг қўли номаҳрам  аёлнинг ҳеч бир жойига тегмаслиги лозимлигини қаттиқ тайинлаганлар. Ўзлари байъат олган вақтларида ҳам аёлларнинг қўлларидан тутмаганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлнинг ёлғиз ўзи ёки номаҳрам эркак билан сафар қилишини қаттиқ ман этганлар.
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб:
«Ҳаргиз бир эркак бир аёл киши билан холи қолмасин, агар аёлнинг маҳрами бўлса, майли, аёл киши зинҳор сафарга маҳрамсиз чиқмасин», дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг аёлим ҳажга чиқди, мен эса фалон жойда бўладиган ғазотга ёзилдим», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Сен бориб аёлинг билан бирга ҳаж қил!» дедилар.
Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл кишини ҳатто ҳажга ҳам ёлғиз ўзини юбориб бўлмас экан. Ҳатто Аллоҳнинг, дину диёнатнинг йўлида қилинадиган жиҳодни қўйиб бўлса ҳам, аёлнинг маҳрами у билан бирга ҳажга бориши таъкидланмоқда. Чунки сафар машаққат ва хавфдан холи эмас. Мўмина аёлларни машаққат ва хавфда ёлғиз қолдиришга унинг маҳрамларининг эркаклик ғурурлари ҳам йўл бермаслиги керак. Йўлда аёлнинг хизматини қилиб, қийинчиликлардан, хавф-хатар ва турли кўнгилсизликлардан ҳимоя этиб бориши керак.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркак-аёлларнинг бир-бирига аралашиб кетишини жуда қаттиқ ман қилганлар.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абу Усайд ал-Ансорий айтадиларки, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид ташқарисида туриб, йўлда эркаклар билан аёллар аралашиб кетганини кўрдилар ва аёлларга: «Сизлар орқада қолинглар, сизлар йўлнинг ўртасидан эмас, чеккасидан юринглар!» дедилар. Аёллар девор тагидан юра бошладилар. Улар деворга жуда яқин юрганларидан кийимлари унга тегиб кетар эди».
Жамоат бўлиб намоз ўқиш, жума намозини адо этиш нақадар аҳамиятли эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Жума фарз. Жамоат намозини эса, баъзилар вожиб, баъзилар суннати муъаккада, дерлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Хоҳлар эдимки, бировни одамларга жамоат намозини ўқиб беришга буюриб қўйиб, ўзим бориб жамоат намозига келмаганларнинг уйига ўт қўйиб юборсам», деганлар. Бу ва бундан ҳам шиддатлироқ маънони англатувчи ҳадислар жуда кўп. Жума намозини узрсиз қолдирган одамнинг гуноҳи ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Лекин эркак-аёл аралашиб юриши яхши эмаслиги эътиборга олиниб, аёл кишига жумага бормасликка рухсат берилган.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат билан жума ўқиш ҳар бир мусулмон учун ҳаққу вожибдир. Фақат тўрт кишигагина: қулга, аёл кишига, ёш болага ва касал одамга (вожиб эмас)», деганлар.
Жамоат намозига аёлларнинг қатнашмасликлари афзал эканини очиқ-ойдин айтганлар.
Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Умму Ҳумайд ас-Соғидий исмли аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен сиз билан бирга намоз ўқишни яхши кўраман», дебдилар. У зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен сенинг мен билан намоз ўқишни яхши кўришингни биламан. Сенинг уйингдаги намозинг ҳужрангдаги намозингдан яхшироқдир. Ҳужрангдаги намозинг ҳовлингдаги намозингдан яхшироқдир, ҳовлингдаги намозинг қавминг масжидидаги намозингдан яхшироқдир, қавмингнинг масжидидаги намозинг менинг масжидимдаги намозингдан яхшироқдир», деб жавоб берганлар.
Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга масжидга келиб намоз ўқишга рухсат берганлар. Лекин бу шартли рухсатдир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинларингизни масжиддан ман қилманглар. Уйлари улар учун яхшироқдир», деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мўътадил равишда зийнатланиб, атир-упалар билан лозим топилган жойларда хушбўйлашиб юришга тарғиб қилганлар. Аммо шу билан бирга, зебу зийнат орқасидан қувиб, ҳаддан ошишдан, шариатга хилоф иш қилишдан қаттиқ қайтарганлар. Ана шундай ман қилинган ишлар қаторига аёл кишининг сочига бошқа сочни улаш ва улатиш, ясама хол қўйиш ва қўйдириш, қошни ингичка қилиб териш ва тердириш, тишларининг орасини сунъий равишда очиш ва очдириш, юзининг рангини бутунлай ўзгартириш учун турли воситалар билан ювиш ва ювдириш каби амаллар ҳам киради.
Мўмина-муслима аёлларга бу ишларни қилишлари ҳам, бошқаларга бажартиришлари ҳам мутлақо мумкин эмас.
Буларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фоҳиша гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизлик ва зино тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Ушбу илоҳий тадбирларга бандалар чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур ифлосликлар ва ижтимоий касалликлардан пок бўлади.
Энди келадиган оятда эса, жинсий бузуқлик, фаҳш ва зинонинг олдини оладиган энг асосий омиллардан бири зикр этилади:

32. Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир.
Ушбу оятда биз «никоҳсиз бўлган» деб таржима қилган ибора арабчада «аййим» дейилади. Бу сўздан кўпчилик тул эркак ва бева хотинни тушунади. Аслида эса, бу нотўғри тушунчадир. «Аййим» хотини йўқ эркак ва эри йўқ аёлни билдиради. Аввал оила қурганми, қурмаганми, фарқи йўқ.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мусулмонлар жамоасига хитоб қилиб:
«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг», деб буюрмоқда. Бинобарин, мусулмон жамияти аъзолари ўз ораларида никоҳсиз кишиларни қолдирмасликка ҳаракат қилишлари лозим бўлади. Ҳаттоки қул ва чўриларнинг агар хожалари уларда аҳли солиҳлик сифатини топса, уйли-жойли бўлишларига ёрдам бермоғи лозим. Шунинг учун ҳам ҳозиргача мусулмонлар орасида балоғатга етган ёшларни тезроқ уйлаш, бирор сабаб билан оиласиз қолган эру хотинларни никоҳли бўлишга ундаш жуда кучли. Мазкур ишлар ушбу ояти каримага ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», деган ва бошқа кўпгина шунга ўхшаш ҳадисларига амал қилиш билан бажарилади. Никоҳ орқали эру хотиннинг боғланиши жинсий майлни қондиришнинг энг табиий ва ҳалол йўлидир. Шунинг учун Исломда ҳалол никоҳ орқали оила қуриб яшашга қаттиқ тарғиб қилинади. Оила қуриш йўлидаги тўсиқлар олинади ва барча керакли  омиллар юзага келтирилади.
Баъзи одамлар турли баҳоналар қилиб, уйланиш, оилали бўлишни орқага сурадилар. Ушбу баҳоналарнинг энг каттаси камбағаллик бўлади. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида бунга ўхшаш баҳоналар билан никоҳни орқага суриш яхши эмаслиги таъкидланмоқда:
«Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур».
Яъни, фақирликни баҳона қилиб, никоҳдан қочмасинлар. Балки никоҳга рағбат қилсинлар. Аллоҳ Ўзи билиб, керак бўлса, бой қилиб қўяди. Дарҳақиқат, кўпчилик оила қурганидан кейин жиддийлашиб, рўзғор учун астойдил ҳаракат қилиб, иқтисодий ҳолати яхшиланиб кетгани кузатилган.
«Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир».
Ўз фазлидан хоҳлаган бандасини бой қилиб қўяди. Аммо Ўзи билиб қилади. Нима қилишини эса, ўта билувчилик сифати ила Ўзи яхши билади.
Ҳамма имконини топиб никоҳланиб ҳалол-пок ҳолда оилавий ҳаёт кечирса айни мурод. Аммо шароитлар хар хил баъзи кишилар ўзларида қанчалик рағбат бўлса ҳам турли сабабларга кўра никоҳланиш иконини топа олмай қолишлари мумкин. Улар нима қиладилар? Мана шу саволга келгувси ояти карима жавоб беради.

33. Никоҳ(имкон)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар. Қўлларингизда мулк бўлганлардан (озодлик) васиқасини истайдиганлари бўлса, бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар ила васиқа ёзинг ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг. Ҳаёти дунёнинг ўткинчи матоҳини истаб, покликни ирода қилган (чўри) қизларингизни фоҳишаликка мажбур қилманг. Ким уларни мажбур қилган бўлса, бас, албатта, Аллоҳ улар мажбур қилганларидан кейин ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир.
Ушбу ояти каримада учта муҳим масала–никоҳга қодир бўлмаганлар нима қилишлиги, озод бўлишни истаб, ўз хожаси билан шартнома тузган, маълум маблағ эвазига озод бўлишга ҳаракат қилаётган қулу чўрилар ва фоҳишабозликка, яъни, баъзи аёлларни зинога мажбурлаб пул топишга уриниш масалалари муолажа этилмоқда.
Аввалги оятда мусулмон жамиятида никоҳсиз кишилар қолмаслиги, ҳатто қул ва чўриларнинг ҳам никоҳда бўлишларига эришиш учун ҳаракат қилмоқ лозимлиги, фақирлик–камбағаллик ва шунга ўхшаш камчиликларни баҳона қилиб, никоҳдан қочиш дуруст эмаслиги баён қилинган эди.
Ушбу оятда эса, уриниш ва ҳаракатлар билан ҳам никоҳли бўлиш имконини топа олмаганлар нима қилишлари лозимлиги баён этилмоқда.
«Никоҳ(имкон)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар».
Никоҳга имкон топа олмаяпман, деб ҳаром йўлга юриб кетмасинлар.
Ҳалолга имкон топа олмаганлар учун ҳаромдан иффатларини сақлашнинг энг яхши йўлини эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб берганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин, чунки у (уйланиш) кўзнинг тийилиши ва фаржнинг поклигидир. Ким қодир бўлмаса, унга рўза лозим, чунки у (рўза) анинг учун бичилишдир», деганлар.
Яъни, рўза тутиб юрса, шаҳвати қўзиши камаяди, иффатини сақлаш осонлашади, деганидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳга қодир бўла олмаганларни Аллоҳ таоло Ўз фазлидан бой қилиб қўйишининг йўлларидан бирини ҳам кўрсатиб берганлар.
Имом Термизий ва бошқа муҳаддислар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч кишига Аллоҳ учун ёрдам бермоқлик ҳақдир. Иффатни ирода қилиб никоҳни хоҳлаганга, шартномасини адо этишни истаган мукотабга ва Аллоҳнинг йўлида ғазот қилувчига», деганлар.
Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишни истаган мужоҳид ғозийга пул-мол ва бошқа нарсалар ила ёрдам бериш қанчалик савоб иш экани ҳаммага маълум. Уйланиб иффатини сақламоқчи бўлган шахсга ёрдам бериш ҳам шунчалик савобли иш экани ушбу ҳадисдан очиқ-ойдин англашилиб турибди.
Хожаси билан шартнома тузиб, озод бўлиш учун васиқадаги маблағни топиб беришга уринаётган қулга ёрдам қилиш ҳам мужоҳид ғозийга ёрдам кўрсатиш билан тенг экан.
Қулларга оид ҳукмлар оятнинг давомида баён қилинади.
«Қўлларингизда мулк бўлганлардан (озодлик) васиқасини истайдиганлари бўлса, бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар ила васиқа ёзинг ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг».
Ислом дини келганда дунёда қулчилик авжига чиққан эди. Ислом қулчиликка қарши биринчи бўлиб бош кўтарди. Инсонлар озод бўлишлари учун у барча чораларни кўрди. Турли йўллар билан мусулмонларни қул озод қилишга даъват этди. Ким бир қулни озод этса, дўзахдан паноҳ топишини эълон қилди. Каффорат учун, гуноҳни ювиш учун қул озод этишни, ўзида бўлмаса, сотиб олиб озод этишни шарт қилиб қўйди. Яна бошқа кўпгина чораларни кўрди. Ўша чоралардан бири ушбу оятда зикр қилинаётган «мукотаба» номлик амалдир. «Мукотаба» сўзи луғатда «икки томонлама ёзиш» деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда эса, қул ёки чўрининг маълум бир маблағ ёки хизмат эвазига озодликка эришиш ҳақида ўз хожаси билан тузган шартномага айтилади. Бу ҳам қулчиликка қарши курашишнинг бир йўли, қул ва чўрилар озодликка эришишлари учун яратилган бир шароитдир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга Қуръони Карим орқали хитоб қилиб, агар уларнинг қул ва чўриларидан қайсиси озодликка чиқиш учун шартнома тузишни истаса, улар билан ўша шартномани тузишга амр этмоқда.
«Бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз...», дегани ўша «мукотаба» қилишни истаган қул ёки чўриларингизга шу ишда яхшилик бўлишини, улар аҳли солиҳ эканини, озод бўлгандан кейин ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам нафъ етишини билсангиз, деганидир.
Демак, хожа қули билан маълум миқдор мол топиб ёки бирон ишни қилиб бериш эвазига унинг озод этилиши ҳақида шартнома тузиб, ёзиб қўяди. Шуни «мукотаба» дейилади. Шундан сўнг икки томон ҳам шартномага амал қилиши лозим бўлади. Қул пулни топиб бериши учун ҳеч ким унинг йўлига тўсиқ бўлмаслиги лозим. У шунда озодликка эришади. Хожа эса, шартнома асосида қулга шароит яратиб бериши керак. Қул келишилган молни ёки хизматни адо этиши билан озод бўлади, хожанинг унда ҳаққи қолмайди.
Агар хожалар Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги
«ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг» деган амрига бўйсуниб, келишилган маблағдан бир қисмини кечиб юборсалар, яна ҳам яхши бўлади. Уламоларимиз, бу амр ҳам хожаларга, ҳам мусулмонлар оммасига қаратилган, шартномада келишилган маблағни топиш учун мукотаба қилган қулга ҳам хожаси, ҳам бошқа мусулмонлар молиявий ёрдам беришлари керак, дерлар.
Маълумки, закотнинг ҳақдорларидан бири ҳам айнан шу қуллардир. Яъни, закотдан маълум бир қисмини қул озод қилиш учун сарфлаш Қуръони Каримда тайин этилгандир.
Ислом қул озод этишни энг улкан ибодат ва Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишнинг энг самарали воситаси даражасига кўтарди.
Имом Байҳақий ал-Барроо ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Бир аъробий (саҳролик араб) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Менга мени жаннатга киритадиган амални ўргатинг», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, қисқа гап билан масалани рўй-рост қўйдинг. Аҳолини озод қил, (қул) бўйнидан (кишанни) еч», дедилар. У:
«Иккови бир иш эмасми?» деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ, аҳолини озод қилиш–ёлғиз ўзинг озод қилишинг, (қул) бўйнидан (кишан) ечишинг эса, баҳосини тўлашга ёрдам беришинг. Шунингдек, туя ёки қўйнинг сутидан фойдаланиш учун бировга берадиган бўлсанг, сути кўп вақтида бер. Сенга зулм қилган қариндошингга яхшилик кўрсат. Агар қодир бўлмасанг, тилингни яхши гапдан бошқасидан тий», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, кишини жаннатга киритадиган ишларнинг бошида қул озод қилиш ёки қулнинг озод бўлишига молиявий ёрдам бериш турибди.
Шунингдек, Ислом ҳукуматига ҳам байтул молдан қул озод қилиш учун ҳисса ажратиш тавсия этилган.
Уламоларимизнинг тасдиқларига кўра, қадимда қуллар уч тоифа бўлганлар:
1. Урушда асир тушиб қул бўлганлар.
2. Ҳур бўлса ҳам, куч билан қул қилиб олинганлар.
3. Ота-боболаридан буён қул бўлиб келаётганлар.
Ислом дини келган пайтда дунёдаги ижтимоий ва иқтисодий низомларнинг барчасида қулчилик асосий омиллардан бири ҳисобланар, ҳамма бу нарсани оддий бир ҳолат деб билар эди.
Ислом одамлар ўрганиб қолган ароқхўрлик, зино, рибохўрлик сингари ижтимоий касалликларни даражама-даража даволаб йўқотганидек, қулчилик муносабатларини ҳам аста-секин муолажа қилди. Чунки бунга ўхшаш масалаларда шошма-шошарлик фойда бермаслиги аниқ. Ислом қулчиликка қарши режали равишда тадрижий кураш бошлади. Олдин инсонларга бир-бирларини қул қилишлари яхши эмаслиги тушунтирилди. Сўнгра эса, қул озод қилиш савоб иш эканлиги, охиратда нажотга, гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлиши оят ва ҳадислар орқали баён этилди. Сўнгра закот, каффорат каби ибодатларга қул озод қилиш киритилди. Энг аҳамиятлиси, бу ишлар қуруқ гап бўлиб қолмади. Балки амалда қарор топди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари олтмиш учта қул озод қилганлар. Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан бири Ойиша онамиз розияллоҳу анҳо олтмиш еттита қул озод этганлар. Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб етмишта, саҳобаларидан Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу юзта, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мингта, Зул Кулоъ ал-Ҳумайрий розияллоҳу анҳу саккиз мингта, Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу ўттиз мингта қулни озод қилганлар. Ҳазрати Абу Бакр ва Ҳазрати Усмонлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) томонидан озод қилинган қулларнинг кўплигидан тарихчиларимиз сонини аниқлай олмаганлар.
Бу амал мусулмонлар орасида кенг тарқалди. Эски қулларни озод қилиш йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, Ислом ҳур одамларни қул қилишни такиқлади.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари келтирилган:
«Аллоҳ таоло дейди: «Мен қиёмат кунида уч хил одамнинг хусуматчиси бўламан. Мен кимнинг хусуматчиси бўлсам, уни енгаман. Бир одамнингки, номим ила бир нарса берилсаю, у хиёнат қилса; бир одамки, ҳур инсонни сотиб, баҳосини еса; ва яна бир одамки, мардикор олиб, уни ишлатиб, ҳақини бермаса».
Ушбу ҳукмдан истисно тариқасида урушда қўлга тушган асирларнигина қул қилишга изн берилди. Бу эса, ўша вақтдаги жорий ҳолат бўйича берилган изн эди.
Оятнинг давомида яна бир даҳшатли ижтимоий касаллик–танфурушлик, хусусан, қул бўлган аёлларни танфурушликка зўрлаш орқали бойлик орттириш иллати муолажа қилинади.
«Ҳаёти дунёнинг ўткинчи матоҳини истаб, покликни ирода қилган (чўри) қизларингизни фоҳишаликка мажбур қилманг».
Оятда «қизларингизни, дейилган. Бундан мурод чўриларингизни, демакдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмонларга насиҳат қилиб, қўлингиз остида бўлган биродарларингизни қулим ёки чўрим деманглар, балки ғуломим ва қизим денглар, деган маънода ҳадис айтганлар. Бу ҳам қулчиликка қарши олиб борилган ҳаракатнинг бир туридир. Чунки ўша пайтда баъзи одамлар чўриларни танфурушлик қилиб, пул-мол топиб келишга мажбур этишар эди. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ Ибн Убай ўша одамлардан бири эди. Ушбу ояти кариманинг нозил бўлишига ҳам ўша мунофиқнинг чўриларидан бири–Муоза исмли жориянинг арз қилиб келиши сабаб бўлган.
Машҳур тафсирчи Суддий бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар: «Ушбу оят мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳақида нозил бўлгандир. Унинг Муоза исмли жорияси бор эди. Уйига меҳмон келса, меҳмондан бирор нарса ундириш мақсадида жориясини унга қўшиб берар эди. Жория Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, бу ҳақда шикоят қилди. Бас, Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жорияни ўз ҳузурида олиб қолишни амр қилдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Убай: «Муҳаммаддан менга ким ёрдам беради. Жорияларимизга ҳам эга чиқмоқда!» деб бақириб-чақира бошлади. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди».
Бошқа ривоятларда Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг бошқа жориялари ҳам борлиги, уларни танфурушликка мажбур этгани зикр қилинган.
Оятдаги
«Ҳаёти дунёнинг ўткинчи матоҳини истаб...» деган жумлада, агар ҳаёти дунёнинг ўткинчи матоҳини истамаса, чўри қизларини фоҳиша ишга мажбур қилса, бўлаверар экан-да, деган фикрга умуман йўл йўқ. Бу ерда хожа ўзининг чўри қизларини пул орттириш учун танфурушликка мажбур қилиш ҳаромлиги ҳақида сўз кетмоқда.
Шунингдек,
«покликни ирода қилган (чўри) қизларингизни...» жумласидан, нопокликни ирода қилган чўри қизларни танфурушликка мажбур қилса, бўлаверар экан, деган фикр келиб чиқмайди. Бу ерда қиз ўз ихтиёри билан танфурушлик қилса, гуноҳи ўзига бўлади, агар ихтиёр қилмасаю, хожаси уни мажбур этса, бу гуноҳ–жиноят учун қонун олдида жавоб бериш хожанинг бўйнига тушиши ҳақида гап кетмоқда.
Араб ўлкаларида ушбу ояти карималар нозил бўлган пайтда танфурушлик, фоҳишабозлик икки хил бўлган.
Биринчиси–никоҳ сувратидаги танфурушлик.
Шу ишни хоҳлаган аёл бир уйни ўзига маскан қилиб олар ва унинг олдига маълум одамлар кириб-чиқиб юрар эди. Улар аёлга нафақа бериб, шаҳватларини қондиришарди. Агар аёл туғиб қолса, ўша эркакларнинг ҳаммасини тўплатиб келар ва уларга, орамиздаги гапдан ўзингиз хабардорсиз, мана мен туғдим, бу сенинг боланг, эй фалончи, деб эркаклардан бирининг номини айтар эди. Шу билан бола ўша эркакники бўлиб қолар эди.
Иккинчиси эса, умумий танфурушлик эди.
Бу ҳам ўз навбатида иккига бўлинади. Бири, хожалар чўри қизларга ҳар ойда катта бир маблағ топиб келишни буюрар эдилар. Улар эса, бу маблағни танфурушлик қилиб топардилар.
Иккинчиси, одамлар ёш қизларни махсус уйларга жойлаштириб, устига байроқ илиб қўяр эдилар. У ерга ким хоҳласа, кириб, пулини тўлаб зино қилиб чиқар эди. Кўп одамларнинг шунақа уйлари бор эди. Мунофиқларнинг бошлиғи, Ойиша онамизга бўҳтон тоши отишга журъат этган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ҳам олти нафар ёш, чиройли чўрилари бўлиб, у уларни зинога мажбур қилар, дунёнинг матоҳига кўпроқ эришишни истарди. Ўша олти чўридан бири Муозанинг арз қилиб боргани ва бошқа ҳодисалар юқорида келтирилди.
Ислом дини бу фоҳиша ишларнинг барчасини ҳаром қилди. Ушбу оят нозил бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чўрилар зиносидан топиладиган молни ҳаром деб эълон қилдилар. Баъзи бир ҳадисларда чўриларнинг касб қилган амали ҳалоллиги аниқ бўлмаса, топгани ҳаром бўлиши айтилган. Яъни, ҳалол касбдан топганлиги аниқ бўлгандагина қабул этилади, бўлмаса, йўқ.
«Ким уларни мажбур қилган бўлса, бас, албатта, Аллоҳ улар мажбур қилганларидан кейин ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир».
Чўриларнинг ўз ихтиёрлари билан эмас, хожаларининг мажбурлаши оқибатида зино қилганлари учун Аллоҳ уларга раҳм этиб, гуноҳларини кечиради.

34. Батаҳқиқ, Биз сизларга очиқ-ойдин оятларни, сиздан олдин ўтганлардан мисолни ва тақводорлар учун ваъзни нозил қилдик.
Қуръони Карим оятлари очиқ-ойдин, уларнинг ҳеч тушунарсиз ёки ноаниқ қолган жойи йўқ. Ким хоҳласа, уларни ўрганиб, татбиқ қилиб, нажот топади.
Қуръони Каримда ибрат олиш учун ўтганларнинг мисоллари ҳам келтирилган. Иймонда юрганлар нажот топиб, куфрни ихтиёр қилганлар ҳалок бўлишига тарихдан далиллар келтирилган.
Қуръони Каримда тақводор зотлар учун етарлигича мавъиза ҳам бор.
Сурада кўп ҳукмлар баён қилинди. Улардан жуда кўп масалаларга ечим топиш билан бирга, мунофиқлар жуда хатарли шахслар эканликларини ҳам англаб олдик. Улар Ислом жамиятининг ичида турли фитналар қўзғаб юрганлари учун ҳам кофир ва мушриклардан кўра анча хатарли эканлиги маълум. Улар сиртдан ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиб, баъзи мухлис мусулмонларни ҳам йўлдан уриш имконига эга бўлиб оладилар. Улар Қуръон, Ислом нуридан баҳраманд бўлолмаган одамлар. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, қуйидаги уч мақсад эътибори билан кейинги оятлар ўша мунофиқларга қаратилгандир:
1. Уларга яна бир бор эслатма бериш. Шоядки эслатма бу сафар фойда бериб қолса.
2. Нифоқ билан иймоннинг, мунофиқ билан мўминнинг фарқини очиқ-ойдин қилиб қўйиш.
3. Аллоҳ таолонинг оятлари ҳақиқий мўмин-мусулмонлар учун ҳидоят эканини, номи мусулмон-у, ўзи Исломдан узоқ бўлганлар учун эмаслигини таъкидлаб қўйиш.

35. Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Унинг нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса, шиша ичида, шиша эса, гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир.
Суранинг номи ушбу ояти каримадан олинган. Бу ояти карима «Нур» ояти деб ҳам номланади.
Тафсирчиларимиз, файласуфларимиз бу ояти карима ҳақида кўп баҳс юритганлар. Ҳатто, Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий Нур оятини тафсир қилиб, «Мишкотул анвар» номли бир китоб ҳам ёзганлар.
Оятда Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз зоти олийсини «Нур» деб атамоқда. Лекин бу нур сиз билан бизнинг тушунчамиздаги моддий, кўзга таъсир ўтказадиган, олимлар тахминича, бир сонияда 186000 мил тезликда ҳаракат қиладиган ёруғлик нури эмас. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати сиз билан бизнинг тасаввуримизга тўғри келмайди. У зот ўхшаши йўқ зотдир. Буни ҳамма уламоларимиз бир овоздан таъкидлаганлар. Аммо оятнинг тафсирига келганда фикрлар турлича бўлган.
«Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир».
Бу жумлани баъзи уламоларимиз, «Аллоҳ осмонлар ва ерни мунаввар қилгувчидир», деб тушунтирганлар. Бошқа бирлари эса, «Аллоҳ осмонлару ерни вужудга келтиргувчидир», деганлар. Яна бошқалари, Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни, яъни, борлиқни ўз нуридан яратгандир, деган маънода тафсир қилганлар. Яна бир тоифаси, Аллоҳ таоло борлиқни билдиргувчидир, дерлар.
Бу тушунчаларнинг ҳаммаси араб тилида «нур» сўзи ифода этадиган маънолардан олингандир.
«Нур» сўзи аслида ўзи зоҳир бўлиб, ўзгаларни ҳам зоҳир этувчи вужудга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, қоронғуликда ёруғлик зоҳир бўлиб, аввал ўзи кўринади ва шунинг баробарида атрофни ҳам ёритади-кўрсатади.
Шу сабабдан, қуёш, ой, юлдузлардан тараладиган, сонияда 186000 мил ҳаракат қилиб, кўзга, миядаги кўриш марказига таъсир ўтказадиган ёруғлик ҳам нур дейилади. Шунингдек, илмга нисбатан ҳам «нур» сўзи ишлатилади. Яна, иймон ҳам нур дейилади; Қуръонни эса, Аллоҳ таолонинг ўзи нур деб атаган; кўзнинг кўриш қобилиятини-да нур дейишади; фарзандга нисбатан ҳам, кўзимнинг нури, деган иборани ишлатишади. Қисқаси, «нур» сўзи жуда кўп маъноларда қўлланган.
Шунга ўхшаш луғавий маънолар эътиборидан келиб чиқиб, оятдаги жумланинг тафсири турлича бўлган. Ўша тафсирлардан баъзилари юқорида келтирилди.
Аллоҳ таоло осмонлар ва ернинг нури эканлиги инсоний тасаввурга сиғиши қийин, шунинг учун инсон идрокига мос мисол билан тушунтирилмоқда:
«Унинг нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса, шиша ичида, шиша эса, гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир».
Ўша вақтда ёруғлик ҳосил қилиш учун ишлатиладиган шиша чироқ инсонлар онгида энг тараққий этган восита бўлган. Нур яхши таралиши учун аввало деворда ўйма токча бўлиши керак.
«Унинг нурининг мисоли худди бир токча»,
Токчада турган чироқнинг нури беҳуда тарқалмасдан, бир тарафга таралади, шамол тегиб, ўчиб қолавермайди ҳамда липиллаб тутамайди. Аммо фақат пилик ёнган билан ёруғлик бўлмайди. Агар пиликнинг устига шиша ўрнатилса, у ўчиб ҳам қолмайди, нури ҳам  атрофга равшан таралади.
«унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса, шиша ичида»,
Энди, шиша билан шишанинг ҳам фарқи бор. Шиша қанчалик шаффоф бўлса, чироқнинг нури шунчалик равшан ёритади. Ушбу оятда мисол келтирилаётган чироқнинг шишаси гўё дурдан бўлган бир юлдуз экан.
«шиша эса, гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб»,
Дур мусаффолик, юлдуз эса, ёруғлик тимсоли. Икки тимсол бир бўлиб, ўша чироқнинг шишасида акс топмоқда. Бу эса, мисли йўқ даражада ёруғлик берадиган чироқ деганидир.
Энди бу чироқ ёниши учун ёкилғи — мой керак. Аммо мой яхши бўлмоғи лозим, йўқса, чироқ равшан нур таратолмайди. Оятнинг давомида васф қилинаётган чироқнинг ёғи қанақа эканлиги баён этилмоқда:
«...шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир».
Яъни, чироқнинг ёғи муборак зайтун дарахтидан олинган. Ўша вақтдаги энг яхши чироқ ёғи зайтун ёғи бўлган. Аммо ҳамма зайтуннинг ҳам ёғи бир хил бўлавермайди. Қуёш тегмай, сояда ўсган зайтундан умуман яхши ёғ чиқмайди. Қуёш фақат шарқ томонидан тушадиган зайтуннинг ёғи ҳам, шунингдек, фақат ғарб томонидан тушадиган зайтун дарахтининг ёғи ҳам унча яхши бўлмайди. Энг яхшиси шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмай, эртадан кечгача қуёшда тобланиб, қуёш нурини тўла эмиб ўсган зайтуннинг ёғидир. Бунинг устига, зайтун муборак дарахтдир.
«Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир».
Яъни, яхши жойда ўсган муборак дарахтнинг–зайтуннинг ёғи бўлгани учун чироққа қуйиб, пиликка олиб ёқмаса ҳам, ўзидан-ўзи зиё таратиб юборай деб турибди.
Хуллас, токча нур учун тайёрланган, чироқнинг ўзи нур, устига кийдириладиган шиша нурли юлдуз каби дурдек равшан, ёғи ҳам нур сочай деб турибди. Буларнинг ҳаммаси
«нур устига нурдир». Ҳа, Аллоҳнинг нури ана шундай ёрқиндир. Аммо:
«Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур».
Ҳаммани ҳам ҳидоят қилавермас. Кўзи кўр одам қуёшнинг, ойнинг, юлдузнинг, ҳатто олдида турган чироқнинг нурини кўрмаганидек, қалб кўзи кўр одам ҳам Аллоҳнинг нурига–иймонга, дину диёнатга, Қуръонга, Исломга ҳидоят топмайди. Шундай қилиб:
«Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур».
Одамларга қандай мисол тўғри келишини У зотнинг Ўзи билади.
Чунки:
«Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир».
Аллоҳнинг мазкур нурли чироғи қаерда бўлди?

36. (У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч  тасбиҳ айтурлар;
37. Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар.
Демак, Аллоҳнинг нури, нурли чироқ, иймон нури
«(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига...» изн берган.
Яъни, моддий ва маънавий жиҳатдан юқори даражада бўлишига Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган. Бу уйларни баланд қилиб қуришга изн берган.
«...ва уларда Ўз исмининг зикр қилинишига изн бергандир».
Яъни, ўша баланд қилиб қурилган уйларнинг даражасини янада баландлатиш учун уларда Ўзининг исмини зикр этишни буюрган. Шу маъноларни эътиборга олиб, уламоларимизнинг кўплари, бу уйлардан мурод масжидлардир, дерлар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан: «Масжидлар Аллоҳнинг ердаги уйларидир», деган гап ҳам нақл қилинган. Ушбу оятнинг тафсирида Ҳофиз ибн Касир масжид қуришга тарғиб қилувчи, масжид одобларини ўргатувчи ҳадислар билан бир қаторда масжидга зеб беришдан қайтарувчи ҳадисларни ҳам келтирганлар.
Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен масжидларни безашга амр қилинмаганман», деганлар.
Имом Аҳмад ва яна бир қанча муҳаддислар Анас розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одамлар масжидлар ила мақтанадиган бўлмагунларича қиёмат қоим бўлмайди», деганларини ривоят қилганлар.
Демак, масжидларнинг ҳақиқий ободлиги уларда Аллоҳга ибодат қилиш билан бўлади. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида ва кейинги оятда айнан шу нарса зикр қилинмоқда.
«Уларда Унга эртаю кеч бир кишилар тасбиҳайтурларки…».
Яъни, у уйларда Аллоҳга шундай кишилар эртаю кеч тасбиҳайтурлар–Аллоҳни поклаб ёд этурларки,
«уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас».
Бу ерда Аллоҳнинг нурини идрок этишга ва унинг файзидан баҳраманд бўлишга ҳақли кишиларнинг сифатлари келтирилмоқда. Аллоҳ таоло неъматини, нурини кўринганга ато қилавермайди, албатта. Балки, маълум сифатларга эга бўлган зотларгагина ато этади. Ана ўша инсонларнинг сифатларидан бири Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этиш–тасбиҳайтиш бўлса, яна бир сифати тижоратга ҳам, олди-сотдига ҳам машғул бўлмасдан, Аллоҳни зикр этишларидир. Яъни, иш вақтда ҳам Аллоҳни унутмайдилар. Тижорат ва олди-сотди билан машғул бўлиб, намозни, хусусан жамоат намозини қолдирмайдилар. Менинг ўзим тижорат қилиб, зўрға топдим-ку, деб закот беришдан ҳам қочмайдилар. Чунки:
«Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар».
Яъни, қиёмат кунидан қўрқарлар. У кунда тижорат билан, олди-сотди билан машғул бўлиб, Аллоҳнинг зикрини, намозни тўкис адо этишни, закот беришни унутганларнинг қалблари ва кўзлари қўрқинчдан изтиробга тушади.
Аммо юқорида айтилган сифатга эга бўлганларнинг иймон ва амаллари ҳамда ўша кундан қўрқишлари:

38. Аллоҳ уларни қилган амалларининг энг гўзали ила мукофотлаши ва фазли карамидан зиёда қилиб бериши учундир. Аллоҳ хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур.
Мазкур сифатлар соҳиби Аллоҳнинг нурига сазовор бўлади ва қиёматда ушбу оятда зикр қилинган мукофотларга эришади.
Шу билан бирга, у нурдан маҳрум бўлганлар ҳам бор. Уларнинг ҳоли тамоман бошқача. Келаси оятда ўшаларнинг аҳволи васф қилинади:

39. Куфр келтирганларнинг амаллари саҳродаги саробга ўхшар. Чанқоқ одам уни сув деб ҳисоблар. Қачонки, унинг олдига келса, ҳеч нарсани топмас. Ва у олдида Аллоҳни топур. Бас, У зот унинг ҳисобини тўлиқ қилур. Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилгувчидир.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳоли ажойиб услуб ила васф этилмоқда. Ўзлари чанқоқ одамга, амаллари эса, саҳродаги саробга ўхшатилмоқда.
«Куфр келтирганларнинг амаллари саҳродаги саробга ўхшар».
Саҳродаги ташна одамга узоқдаги сароб сув бўлиб кўринади. Ана, сув топдим, маза қилиб ичаман энди, деб хориб-толиб, қоқилиб-суриниб етиб борса, ҳеч нарса йўқ бўлади.
«Чанқоқ одам уни сув деб ҳисоблар. Қачонки, унинг олдига келса, ҳеч нарсани топмас».
Худди шунингдек, кофир ва мунофиқлар ҳам бу дунёда ўзларича, у қилдим-бу қилдим, деб амалларини санаб, «яхши-яхши» умидлар билан охират томон кетаверадилар. Қиёмат қоим бўлиб, «манзил»га етганларида эса, ҳеч нарса топмайдилар. Чунки куфр ва нифоқ ҳар қандай ва ҳар қанча амални йўққа чиқаради, саробга айлантиради.
«Ва у олдида Аллоҳни топур. Бас, У зот унинг ҳисобини тўлиқ қилур».
Кофирлар қилган амалимизнинг савобини топамиз, деб борган жойларида Аллоҳни топадилар ва Аллоҳ уларни бекаму кўст ҳисоб-китоб қилади. Зотан:
«Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилгувчидир».
Келгуси оятда эса, куфр келтирганларнинг амаллари бошқачароқ васф билан баён қилинади.
Уларнинг амаллари:

40. Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар. Унинг устидан мавж қоплагандир, у(мавж)нинг ҳам устидан мавж ва уни эса, булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир. У қўлини чиқарса, кўра олмас. Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас.
Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳолати ажойиб услуб ила васф қилинмоқда. Кофир ва мунофиқлар ўз амаллари билан:
«...худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар».
Яъни, тубсиз денгиз остидаги қоронғу зулматда қолган одамга ўхшайди. У қоронғулик фақат денгизнинг тубсизлигидан эмас, балки яна:
«Унинг устидан мавж қоплагандир».
Яъни, денгизни катта тўлқин қоплаб олгандир. Бу тўлқин эса, зулмат устига зулматдир. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўша қоп-қора тўлқиннинг –
«У(мавж)нинг ҳам устидан мавж» қоплагандир.
Аммо ҳали ҳам зулмат битгани йўқ. Тўлқин устидаги тўлқинни –
«уни эса, булут (қоплагандир)».
Демак, ҳаммасининг устидан қоп-қора булут қоплаб турибди. Шундай қилиб, булар:
«Бир-бирининг устидаги зулматлардир».
Бу зулматлар остида қолган кофир ва мунофиқ қандай қилиб Аллоҳнинг нурини кўрсин. Ҳолбуки:
«У қўлини чиқарса, кўра олмас».
У ўз қўлини кўра олмагандан кейин, Аллоҳнинг нурини кўра олмаслиги турган гап.
«Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас».
Чунки Аллоҳнинг нуридан бошқа нур йўқдир. Шунинг учун Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқлар қат-қат зулматлар остида қолган киши кабидирлар. Ҳолбуки, улардан бошқа барча мавжудот бу зулматлардан йироқда нурга кўмилиб, Аллоҳга ибодат қилиб, тасбиҳайтмоқдалар:

41. Аллоҳга осмонлар ва ердаги бор жонзот ва саф тортган ҳолидаги қушлар тасбиҳайтишини ҳам кўрмайсанми?! Ҳар бири ўз дуоси ва тасбиҳини, батаҳқиқ, билмишдир. Аллоҳ нима амал қилишларини ўта билгувчидир.
Ушбу ояти каримада инсонга ўзининг атрофидаги борлиққа, бошқа жонзотларга эътибор билан қарашга даъват бор. Агар инсон қалб кўзини очиб, атрофига эътибор билан назар ташласа, борлиқдаги ҳамма нарса, барча жонзотлар Аллоҳга тасбиҳайтаётганини кўради. Жумладан, осмонда саф тортиб учиб бораётган қушларнинг қанот қоқиши ҳам Аллоҳга тасбиҳайтишидир. Борлиқдаги барча жонзотнинг:
«Ҳар бири ўз дуоси ва тасбиҳини, батаҳқиқ, билмишдир».
Фақат инсонгина билмайди. Кофир инсонлар Аллоҳга дуо қилиш ва тасбиҳайтишдан бошқа ишлар билан машғулдирлар. Ҳолбуки:
«Аллоҳ нима амал қилишларини ўта билгувчидир».
Кофир ва мунофиқлар билиб қўйсинларки:

42. Осмонлар ва ернинг мулки Аллоҳникидир ва қайтиш ҳам фақат Аллоҳгадир.
Шунинг учун Аллоҳдан ўзгага юзланиш нотўғридир. Унинг паноҳидан бошқа паноҳ йўқдир. У зотдан қочиб бўлмас. У зотнинг ҳисоб-китобидан, жазо-иқобидан ҳам қутулиб бўлмас.
Аллоҳнинг биру борлигини, иймону итоатга сазоворлигини келаси оятдаги зикрдан ҳам билиб олса бўлади:

43. Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра бирга тўплашини, сўнгра уйиб қўйишини кўрмаяпсанми?! Бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсан. У зот осмондан, ундаги тоғлардан дўл тушириб, у билан Ўзи хоҳлаган кишиларга мусибат етказур ва уни Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Унинг чақмоғининг ярқираши кўзларни кетказгудек бўлур.
Албатта, ушбу оятда васф қилинган ҳодисалар ўзидан-ўзи бўлмайди. Одамларнинг ўзи ҳам бунга қодир эмаслар. Ҳеч бир зотнинг қўлидан келмайди бу иш. Фақат Аллоҳ таологина қила олади. Ушбу ҳодисалар инсонни Аллоҳга иймон келтиришга, унга ибодат қилиб яшашга ундайди. Шунингдек:

44. Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турур. Албатта, бунда кўзи борлар учун ибрат бордир.
Кечаю кундузнинг айланиб-алмашиб туриши ҳам Аллоҳнинг биру борлигига ёрқин далилдир. Бу ишни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмас.
«Албатта, бунда кўзи борлар учун ибрат бордир».
Кимнинг қалб кўзи очиқ бўлса, буни кўриб, ибрат олади ва Аллоҳга иймон келтириб, ибодат қилади.

45. Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
Ўтган оятларда булутларнинг ҳайдалиши, улардан ёмғир ёғиши, тоғ каби юксакларидан дўл тушиб, кимларгадир мусибат етказиши, кимларнидир четлаб ўтиши, чақмоқ чақиши ва кечаю кундузнинг алмашини каби, Аллоҳнинг биру борлигига, чексиз қудратига далолат қилувчи табиат ҳодисаларига диққат қаратилгандан сўнг, энди кишиларнинг эътибори ер юзидаги жониворларга тортилмоқда.
«Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди».
Бу Қуръоний ҳақиқат. Бошқалар нима дейишининг аҳамияти йўқ. Чунки ҳамма, ким бўлишидан қатъи назар, тахмин билан гапиради. Аллоҳ эса, доимо ҳақни сўзлайди. Қуръонда «Аллоҳ ҳамма жониворларни сувдан яратди», дейилганми, демак шундай. Аллоҳдан бошқа барча бирлашиб, сув ва ундан бошқа ҳамма воситаю ашёларни ишга солганда ҳам, бирорта жониворни ярата олмаган, ярата олмайди ҳам. Энг арзимас саналганларини ҳам Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай зот ярата олмаган. Дунёдаги саноғига етиб бўлмайдиган жонзотларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг биру борлигига ёрқин далилдир. Бунинг устига, уларнинг турли-туманлигини айтмайсизми?
«Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир...»
Уларни қорни билан юрадиган қилиб яратган зот–Аллоҳ. У зотдан бошқа ким бунақа жонзотни ярата олади?!
«...баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан».
Уларни ҳам Аллоҳ шу қобилият билан яратган. У зотдан бошқа ким икки ёки тўрт оёқ билан юрадиган жониворларни ярата олади?!
«Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур».
Унинг хоҳишини чеклайдиган зот йўқ. Хоҳлаган шаклда, хоҳлаган сифатда, хоҳлаган сийратда яратаверади.
«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир».
Унинг қудрати чексиздир.
Шунинг учун ҳам у зотга иймон келтириб, ибодат қилмоқ шарт. Лекин баъзи одамлар шунча ҳикматларни кўриб-билиб туриб, мунофиқлик қиладилар.

46. Батаҳқиқ, Биз очиқ-ойдин баён қилгувчи оятларни туширдик. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят қиладир.
Аллоҳ нозил этган оятлар ҳамма нарсани очиқ-ойдин баён қилиб беради. Улар Аллоҳнинг нурини ҳам, куфрнинг зулматини ҳам, яхши-ёмонни ҳам, пок-нопокни ҳам, ҳамма-ҳамма нарсани баён қилиб беради.
«Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят қиладир».
Аллоҳнинг хоҳишининг чеки йўқдир. Аллоҳнинг Ўзи ҳидоятни хоҳлаб, унга интилган одамга ҳидоят нурини ато этмоқни жорий этиб қўйган. Ким иймон учун ҳаракат қилса, Аллоҳ уни ноумид қўймайди. Аммо баъзи одамлар бошқача йўл тутадилар.

47. Улар: «Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик ва итоат қилдик», дерлар. Сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетурлар. Ана ўшалар мўмин эмаслар.
Улар бир гуруҳ–мунофиқлардир. Улар тиллари билан:
«Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик ва итоат қилдик», дерлар.
Лекин иймонга амални қўшмайдилар. Оғизлари билан иймонли эканлари ҳақида сафсата сотсалар ҳам, ҳаётда иймон тақозоси ила амал қилмай, Ислом шариатига юришни истамай, бошқа қонун-қоидалар асосида яшашга уринадилар. Оғизларида мўминлик даъвосини қилсалар ҳам, Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иймонлари борлигини айтсалар ҳам, уларга итоат этишлари ҳақида оғиз кўпиртириб сўзласалар ҳам, сўзларига заррача амал қилмайдилар. Уларга, айниқса, Нур сураси ўқилганда юраклари сиқилиб кетади. Чунки бу сура уларга зинони, очиқ-сочиқликни, ахлоқий бузуқлик бўлмиш ҳавойи нафснинг хоҳишларини ман қилиб, одоб-ахлоқ доирасида ҳалол-пок яшашни таклиф этади.
«Сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетурлар».
Тиллари билан айтган гапларига амал қилиш керак бўлганда юз ўгириб, бошқа томонга қараб кетадилар.
«Ана ўшалар мўмин эмаслар».
Иймон тақозо этган амалларни бажармаган одам қандай қилиб мўмин бўла олди?! Ислом дини ундайлардан воз кечади. Оғзида гапириб, амал қилмайдиган одам ҳеч қачон мўмин-мусулмон бўла олмайди. Ундай одамлар оғизларида мўмин-мусулмонлик даъвосини қилсалар ҳам, Аллоҳ ва Пайғабар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукми бўйича иш юритишдан бош тортадилар.

48. Уларни қачонки Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланса, баногоҳ улардан бир гуруҳи юз ўгиргувчилардир.
Улар ораларида Аллоҳнинг амри ила, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила ҳукм юритилишини зинҳор хоҳламайдилар. Улар оғизлари билан иймон ва Ислом даъвосини қилсалар ҳам, Аллоҳ таолонинг ва Унинг Пайғамбарининг ҳукми асосида эмас, бошқа ҳукм остида яшаш ва иш юритишни истайдилар. Шундай экан, улар қандоқ қилиб мўмин-мусулмон бўла олсинлар?!
Ана ўшаларга зеҳн солиб қаралса, кўплари Аллоҳ фарз қилган амалларни қилмайдилар, масжидга қадам ҳам босмайдилар, оғизларида эса, мўмин-мусулмонлик даъвосини қилаверадилар. Бунинг устига, бир бўлиб олиб, Исломга қарши иш юритадилар. Оғизларида иймонли, мусулмон эканликлари ҳақида гапирадилар-у, Ислом ҳукми юзага чиқмаслиги учун барча чораларни қўллаб турадилар.
Ундай одамларни чорлаб, модомики сиз мўмин-мусулмон экансиз, келинг, орамизда Аллоҳнинг ва Унинг Пайғамбарининг ҳукми юритилсин, дейилса:
«...банагоҳ, улардан бир гуруҳи юз ўгиргувчилардир».
Улар ер юзида Аллоҳнинг қонунлари ҳукм суришини хоҳламайдилар. Улар ер юзида Аллоҳнинг Пайғамбари суннатига амал қилинишини ҳам хоҳламайдилар. Яна қандай қилиб мўмин-мусулмон бўлсинлар?!
Аммо Аллоҳнинг ва Пайғамбарининг ҳукмига чорланганларида юз ўгириб кетган бўлишларига қарамасдан:

49. Агар ҳақ улар (тарафда) бўлса, у(Пайғамбар)га бўйин эгиб келурлар.
Ислом ҳукми ҳақ бўлгани учун ундан қочиб юрган эдилар. Ҳаққа бўйинсунишидан бош тортиб, Ислом ҳукми юзага чиқишига қарши бўлаётган эдилар. Лекин Ислом ҳукмида ўзларига фойдали жойи бўлса, унга амал қилишга доим тайёрлар.
Мунофиқ аёл Ислом ҳукми асосида яшашни истамайди, аммо Ислом муслима аёлларга берган имтиёзлардан фойдаланишни хоҳлайди. Мунофиқ эркак Ислом талаб қилган мажбуриятларни бажаришни хоҳламайди, аммо Ислом мусулмон эрларга берган имтиёзлардан фойдаланишга тайёр туради. Мунофиқлар Ислом ҳукумати жорий қилган қонун-қоидаларга бўйсунишдан бош тортади, аммо мусулмонларга бериладиган имтиёзларга у ҳам даъвогар бўлади. Мунофиқ  ҳоким Ислом бўйича ҳукм юритмайди, динга қарши ишларни бажаради, аммо ўзини Аллоҳнинг ер юзидаги сояси деб даъво қилади, фуқароларга ҳокимнинг амри вожиб бўлишини талаб этади.
Гапнинг хулосасини айтганда, мунофиқлар оғизларида иймон, Ислом даъвосини қиладилар, аммо иймон ва Ислом бўйича иш кўришга келганда, юз ўгириб кетадилар. Улар иймон қўйган мажбуриятларни адо этишни мутлақо истамайдилар. Айни чоқда, мўмин-мусулмонларга иймон ва Ислом берадиган имтиёзлардан тўла фойдаланишни хоҳлайдилар.
Улар нима учун бундай йўл тутадилар?!

50. Уларнинг қалбларида мараз борми?! Ёки шубҳа қилдиларми?! Ёхуд Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари уларга зулм қилишидан қўрқадиларми?! Йўқ! Уларнинг ўзлари золимлардир.
Оғзи билан иймон, Ислом даъвосини қилиб туриб, амалга келганда юз ўгириб кетувчиларда уч ҳолатдан бири бўлади, йўқса, бунчалар паст кетмас эдилар. Ана ўша уч ҳолат бу оятда учта савол ила билдирилмоқда:
Биринчиси:
«Уларнинг қалбларида мараз борми?!»
Тили билан мўмин-мусулмонлик даъвосида туриб, воқеъликда унга амал қилмаслик учун, аввало, қалбда мараз–тузалмас дард бўлиши керак. Чунки қалби соғлом одам тили билан айтган гапнинг хилофини қила олмайди. Мен мўмин-мусулмонман, деб туриб, ўзи кофир ва фосиқнинг ишини қилишга соғлом қалб йўл бермайди.
Иккинчиси:
«Ёки шубҳа қилдиларми?!»
Уларнинг воқеъликда мўмин-мусулмонликка амал қилмаётганига яна бир сабаб, иймон ва Исломнинг нур эканига, Аллоҳнинг ҳукми ҳақлигига шубҳа-гумонда эканликлари бўлса керак. Агар иймон, Ислом ҳамда Аллоҳнинг ҳукми ҳақ эканида шубҳаланмаса, уларга амал қилиши лозим бўлар эди.
Учинчиси:
«Ёхуд Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари уларга зулм қилишидан қўрқадиларми?!»
Уларнинг воқеъликда мўмин-мусулмонликка амал қилмасликларига яна бир сабаб, иймон ва Ислом тақозоси бўйича иш юртилса, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга зулм ўтказади, деган қўрқинч ҳам бўлиши мумкин. Аллоҳ зулм қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зулм қилади, деган қўрқинч бўлмаса, Аллоҳнинг ҳукмига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилишлари лозим эди.
«Йўқ!»
Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ҳеч кимга зулм қилмайди. Чунки Аллоҳнинг адолати мутлақдир. У зот ҳамманинг Роббидир. У барчага баробардир. Шунинг учун Аллоҳ таолодан заррача зулм содир бўлиши мумкин эмас. Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар, У зотнинг ишончли элчисидирлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам заррача зулм содир бўлиши мумкин эмас. Чунки зулм деган нарса у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларида йўқ. Аллоҳ таоло у кишини маъсум қилган. Агар бошқаларга заррача зулм қиладиган бўлганларида Аллоҳ таоло у кишини Ўзига элчиликка танлаб олмас эди.
«Уларнинг ўзлари золимлардир».
Ҳа, демак, гап бу ёқда экан: Аллоҳнинг ҳукмига юрмаганларнинг ўзлари золимдирлар. Чунки Аллоҳнинг ҳукмига юрмасликнинг ўзи энг катта зулм. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари зулм қилади деган гумонда бўлишнинг ўзи катта зулмдир. Аслида, Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа барча ҳукм айни зулмдир.
Аллоҳнинг ҳукмига юришдан бош тортаётганлар кимнинг ҳукмига юради? Албатта, ўзига ўхшаган махлуқнинг ҳукмига юради. Аллоҳдан бошқанинг ҳукми эса, ким бўлишидан қатъи назар, мутлақ одил бўла олмайди.
Аллоҳнинг ҳукмига юришдан бош тортаётганлар якка ҳокимнинг ҳукмига юришни хоҳлашлари мумкин. Аввало, ўша якка ҳокимнинг одамларга ҳукмини ўтказишга нима ҳаққи бор?! Қолаверса, инсон ҳукм чиқаришда энг аввал ўзининг ва ўзига яқинларнинг манфаатини ўйлаши турган гап. Воқеълик шуни тасдиқлайди. Дунёда ўз манфаатини ўйламаган ҳеч бир якка ҳоким ўтгани йўқ. Шундай экан, бу бошқаларга нисбатан зулм эмасми?!
Аллоҳнинг ҳукмига юришда бош тортаётганлар бирор фирқанинг ҳукмига юришни хоҳлашлари мумкин. Аммо бу ҳам айни зулмдир. Нима учун одамлар қандайдир бир фирқанинг ҳукми асосида яшашлари керак? Ахир, ҳаммалари бир хил одамлар-ку! Ундан сўнг, ҳар қандай фирқа ҳукмини юритаётганда, аввало, ўз аъзоларининг манфаатини олдинга қўйиши турган гап. Бу эса, зулмнинг ўзгинасидир. Дунёда ўз аъзолари манфаатини кўзламаган ҳеч қандай фирқа бўлмаган, бўлмайди ҳам. Шундай экан, фирқага аъзо бўлмаганларга нисбатан бу ҳол айни зулм эмасми?!
Аллоҳнинг ҳукмига юришдан бош тортаётганлар ҳозиргача қурилмаган ва барпо этилиши мумкин ҳам бўлмаган «халқ ҳокимияти» асосида яшашни хоҳлашлари мумкин. Фаразан шундай бўлди ҳам, дейлик, лекин дунёда ўзининг манфаатларини ўзгалардан устун қўймайдиган бирор халқ борми? Йўқ. Демак, бу ҳолатда ҳам адолат бўлиши мумкин эмас. Демак, бу ҳам зулмдир.
Шунингдек, Аллоҳнинг ҳукми бўйича яшашни истамаётганлар маълум бир давлат ёки маълум бир давлатлар уюшмаси ҳукми асосида яшашни хоҳлашлари мумкин. Аммо бу ҳолатда ҳам ва таклиф қилиниши мумкин бўлган бошқа барча ҳолатларда ҳам ҳақиқий адолат асло юзага чиқмайди.
Ҳа, Аллоҳнинг ҳукмидан бошқанинг ҳукми зулмдир. Аллоҳнинг ҳукмига юришни хоҳламаганлар золимлардир. Аллоҳдан бошқанинг ҳукмини хоҳловчилар мўмин эмас.
Ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбари ҳукмига нисбатан муносабатлари тамоман бошқача бўлади.

51. Албатта, мўминларнинг Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланганларидаги гаплари: «Эшитдик ва итоат қилдик», демоқларидир. Ана ўшаларнинг ўзларигина нажот топгувчилардир.
Ҳақиқий мўмин Аллоҳнинг ҳукмига чорланганида, дарҳол: «Амрни эшитдик, итоат қилдик», дейди. Ҳақиқий мўмин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмига чорлаганида ҳам дарҳол: «Амрни эшитдик, итоат қилдик», дейди.
«Албатта, мўминларнинг Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланганларидаги гаплари: «Эшитдик ва итоат қилдик», демоқларидир».
Аллоҳнинг ва Унинг Пайғамбарининг ҳукмига сўзсиз бўйин эгмоқ иймоннинг белгисидир. Аллоҳнинг ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмига сўзсиз бўйин эгганларгина ҳақиқий мўминлардир.
«Ана ўшаларнинг ўзларигина нажот топгувчилардир».

52. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина ютуққа эришгувчилардир.
Шундай экан, ким дунёю охиратда ютуққа эришмоқчи бўлса, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этсин. Аллоҳнинг Қуръонига ва Пайғамбарининг суннатига амал қилсин.
Ким дунёю охиратда ютуққа эришмоқчи бўлса, Аллоҳдан қўрқиб яшасин, Аллоҳга тақво қилиб яшасин.
Аллоҳнинг ва Пайғамбарининг ҳукмига мунофиқлар билан ҳақиқий мўминларнинг муносабати баён қилиб бўлинганидан сўнг, энди яна мунофиқлар ҳақидаги гап келган жойидан давом эттирилади:

53. Улар агар амр қилсанг, албатта, (жиҳодга) чиқишлари ҳақида Аллоҳ номи билан жон-жаҳдлари ила қасам ичарлар. Сен: «Қасам ичманглар! (Бу жиҳод) маълум тоатдир! Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганларингиздан хабардордир», деб айт.
Оғзида мўмин-мусулмонликни даъво қилиб, лекин иймон-Ислом тақозоси ила иш тутмайдиган мунофиқлар гапларини тасдиқлаш мақсадида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, агар сиз амр этсангиз, биз, албатта, жиҳодга чиқиб, уруш қиламиз, деб лоф урар, Аллоҳ номига жон-жаҳдлари билан қасам ичар эдилар.
«Улар агар амр қилсанг, албатта, (жиҳодга) чиқишлари ҳақида Аллоҳ номи билан жон-жаҳдлари ила қасам ичарлар».
Улар нифоқларини яширишга қанчалик уринсалар ҳам, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билиб туради-ку. Шунинг учун ҳам, у зоти таборака ва таоло Пайғамбарига бу ҳақда хабар бериб у киши соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишларини ўргатмоқда:
«Сен: «Қасам ичманглар! (Бу жиҳод) маълум тоатдир! Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганларингиздан хабардордир», деб айт».
Ҳа, бўладиган гап шу:
«Қасам ичманглар!»
Нега қасам ичасизлар! Жиҳодга чиқиш янгилик эмас.
«(Бу жиҳод) маълум тоатдир!»
Жиҳод қадимдан Аллоҳ таолога тоат-ибодат сифатида маълум ва машҳур бўлиб келаётган амалдир. Сизлар жон-жаҳдларингиз билан қасам ичиб, лоф урмасангиз ҳам:
«Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганларингиздан хабардордир».
Ҳақиқий жиҳодга чиқувчи ким-у, жиҳодга чиқиш ҳақида лоф уриб, мунофиқлик қилувчи ким эканини яхши билади.
Кейинги оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мунофиқларга айтишлари лозим гапларнинг қолганини ўргатмоқда:

54. Сен: «Аллоҳга итоат қилинглар, Пайғамбарга итоат қилинглар. Бас, агар юз ўгириб кетсангиз, у(Пайғамбар)га ўзига юклатилган нарса, сизга ўзингизга юклатилган нарса. Агар унга итоат қилсангиз, ҳидоят топурсиз. Пайғамбарнинг зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ», деб айт.
Яъни, эй одамлар:
«Аллоҳга итоат қилинглар!»
Аллоҳга итоат этиш–унинг Қуръонига амал қилишдир. Демак, Қуръонга амал қилинглар.
«Пайғамбарга итоат қилинглар!»
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш–у зотнинг суннатларига амал қилишдир. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилинглар. Аллоҳга ҳам, Пайғамбарга ҳам итоат қилмасдан,
«Бас, агар юз ўгириб кетсангиз...» ўзингизга қийин бўлади. Чунки:
«...у(Пайғамбар)га ўзига юклатилган нарса...»
У ҳам бўлса, Пайғамбарликни сизларга етказиш. Бу ишни у аъло даражада адо этди. Энди  у ўз мукофотини олади.
«...сизга ўзингизга юклатилган нарса».
Яъни, сизга Пайғамбар етказган нарсага итоат қилиш. Сиз буни адо этмасангиз, жазо оласиз.
«Агар унга итоат қилсангиз, ҳидоят топурсиз».
Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат ҳидоятга бошлайди. Аммо итоат қилмасангиз, унга ҳеч бир зарар етмайди. Чунки:
«Пайғамбарнинг зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ».
Шунинг учун сизнинг юз ўгириб кетишингиз унга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Балки ўзингиз зарар кўрасиз.
Энди келадиган оятда эса, иймон тақазоси ила амал қиладиган кишиларга–ҳақиқий мўминларга бериладиган мукофотлар ҳақида сўз юритилади:

55. Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар. Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар, ўзлари фосиқлардир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларига кўп башоратлар ваъда қилмоқда. Ўша ваъдалар қуйидагилардир:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, халифа қилишни...»
Олдинги ўтган умматлардан қайси бири Аллоҳ таолога иймон келтирган ва бу иймони ҳақиқий бўлиб, бутун вужудини қамраб олган ҳамда ўша ҳақиқий иймонлари тақозоси ила солиҳ амаллар қилиб ҳаёт кечирган бўлса, Аллоҳ таоло уларни ер юзига Ўзининг халифаси этиб тайинлаб қўйган эди. Ер юзида ҳукми юритилиши учун уларни Ўзига ўринбосар қилиб қўйган эди. Энди ўшалар каби ер юзида халифа бўлиш имконияти фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларида бордир. Уларнинг мазкур халифаликка эришишлари учун асосий шарт–иймон келтириб, амали солиҳ қилишдир. Ислом уммати қачон ушбу шартни бажарганида, Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиққан.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари пайтида улар Арабистон Ярим ороли, Баҳрайн, Яман ва бошқа жойларда халифа бўлиб, Аллоҳнинг амрини юрита бошладилар.
У зотдан сўнг эса, Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ даврларида Ислом давлати чегаралари Форс, Шом ва Мисрнинг бир қанча ерлари қадар кенгайди.
Иккинчи халифа Умари Одилнинг вақтларида Ислом мазкур юртларнинг ҳамма жойларига тарқалди. Ўша пайтдаги дунёнинг энг катта икки империяси–Рим ва Форс империялари инқирозга учрадилар. Уларнинг ўрнини Ислом давлати эгаллади.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврига келиб эса, Ислом давлати ҳудудлари ер юзининг машриқидан мағрибигача кенгайди.
Бу улкан футуҳотларнинг асосий сабаби мусулмонларнинг пок иймонию солиҳ амаллари бўлди. Мусулмонлар ўша шартни бажарганлари учун Аллоҳ уларга имкон бериб, ер юзида халифа қилиб қўйди. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло мусулмонларга иймонлари ва амали солиҳлари учун бошқа нарсаларни ҳам, жумладан:
«...улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни...» ваъда қилди.
Мазкур даврда, яъни, Расули акрам ва хулафои рошидинлар даврида мусулмонлар ҳақиқий иймон соҳиблари бўлиб, амали солиҳни қилганлар ва Аллоҳ таоло улар учун Ўзи рози бўлган динни–Ислом динини ер юзида мустаҳкамлади. Ҳамма Исломга тобеъ бўлди. Ислом ҳукми асосида, Ислом адолати остида яшай бошладилар.
Бунинг устига, Аллоҳ таоло иймонлари ва солиҳ амаллари учун:
«...уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди».
Ушбу оят ҳақида ар-Робиъ ибн Анас Абул Олиядан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари Маккада ўн йилдан кўпроқ вақт Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишга ва Унга ширк келтирмасликка махфий равишда, қўрққан ҳолларида даъват этдилар. Уларга уруш қилиш буюрилмади. Балки Мадинага ҳижрат қилишга амр қилиндилар. Бас, у ерга келдилар ва Аллоҳ таоло уларга уруш қилишни амр этди. Ўшанда ҳам хавф-хатар остида эдилар. Кечасию кундузи қурол билан юрардилар. Бунга ҳам Аллоҳ хоҳлаганича сабр қилдилар. Бир куни саҳобалардан бири:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз энди абадий шундай хавфда ўтамизми? Бизга силоҳимизни қўядиган кун келмайдими?» деб сўради. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фақат озгина сабр қиласизлар, холос, сўнгра сизлардан ҳар бирингиз тўп-тўп одамлар ичида ўтирса ҳам, ёнида бир парча темир бўлмайдиган кунлар келади», дедилар. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Бас, Аллоҳ Пайғамбарини Арабистон Ярим оролига зоҳир қилди. Ҳаммалари омонликка кирдилар, қуролни қўйдилар. Сўнгра Аллоҳ Пайғамбарини Ўзига олди. Ундан кейин Абу Бакр, Умар ва Усмонларнинг даврларида ҳам омонликда бўлдилар. Ундан кейин бўлган ишлар бўлди. Уларга Аллоҳ яна хавфни қайтарди. Бас, улар шартни йўқотиб, ҳолни ўзгартирдилар, ўзлари ҳам ўзгаришга дучор бўлдилар».
«Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар».
Ана ўшанда Мен уларни ер юзига халифа қилиб, динларини мустаҳкам этиб, хавфлари ўрнига омонликни бераман.
«Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар, ўзлари фосиқлардир».
Шунча нарсани кўриб-билиб туриб куфр келтирган одам фосиқ бўлмаса, ким фосиқ бўлсин?!
Ислом тарихига диққат билан назар ташлар эканмиз, ушбу ояти карима мўъжизаси олдида бош эгамиз. Мусулмон уммати иймонига қанчалик содиқ бўлса, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига қанчалик сидқидилдан ибодат этса, динга қанчалик кўп амал қилса, ер юзини обод қилишда шунчалик пешқадам бўлган, Ислом дини шунчалик мустаҳкам турган, омонликлари шунчалик ишончли бўлган. Аксинча, мусулмонларнинг иймони қанчалик заиф, Аллоҳга ибодатда қанчалик суст ва динга амал қилишлари қанчалик оз бўлган бўлса, ер юзини обод этиш борасида шунчалик ортда қолганлар, динлари шунчалик ғариб бўлган ва кўпдан-кўп хавф-хатарларга йўлиққанлар. Ўн тўртинчи ҳижрий асрнинг охири ва ўн бешинчи ҳижрий асрнинг бошларида бу ҳолат мисли кўрилмаган даражага етди. Мусулмонлар ҳеч қачон бу қадар заифлашмаган эдилар. Улар Аллоҳ таоло берган ваъдага қайта эришишлари учун, ер юзига халифалик қилиб, уни обод этиш масъулиятини қайтадан қўлларига олишлари учун, динлари мустаҳкам ва ўзлари омонликда бўлишлари учун иймонлари бақувват, амали солиҳлари бардавом ва Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишлари кутилганидек бўлмоғи лозим.
Бунинг учун эса, қуйидаги оятда зикр қилинган амрни тўла-тўкис адо этиш керак:

56. Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Пайғамбарга итоат қилинглар. Шоядки раҳм қилсангиз.
Чунки намоз бандани доимо Аллоҳ таоло билан боғлаб, ўз соҳибининг қалбини тўғрилаб туради. Мўмин кишини юқорида зикр этилган амалларга–иймон бақувват бўлишига, амали солиҳлар қилишига ва фақат Аллоҳнинг Ўзига ибодат этиб, У зотга ҳеч кимни ширк келтирмасликка восита бўлади. Аммо намозни тўкис адо этмасдан туриб иймон, амали солиҳ ва Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилиш ҳақида гапириш мумкин эмас. Демак, ер юзига халифа бўлиш, Ислом динини мустаҳкамлаш ва омонликка эришиш ҳақида хаёл қилмаса ҳам бўлади.
Шунингдек, закотни адо этиш ҳам кишида бахиллик ҳиссини йўқотиб, жамиятда ички бир покланишни олиб келади, ўзаро тушуниш ва ҳурматни кучайтиради, яна бошқа кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади. Закотни рисоладагидек адо этмасдан туриб, мусулмонлар ҳеч бир муваффақият ҳақида ўйламасалар ҳам бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш эса, барча каттаю кичик муваффақиятларнинг гаровидир, бусиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида шахсларига эргашиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин суннатларига амал қилиш билан бўлади. Бу хусусда уламоларимиз ҳаётий бир ибратли воқеани мисол қилиб келтирадилар. Мужоҳид мусулмонлар бир жиҳодда қўлларидан келган барча имкониятларни ишга солишларига қарамасдан, рақибларидан устун бўла олмабдилар. Бунинг сабаби ҳақида чуқур ўйлашибди. Ҳамиша осонлик билан эришиб келган ғалабага энди эриша олмай турганлари нимадан эканлиги, ҳозирги рақибдан бир неча бор кучлиларини ҳам осонлик билан енгган кишилар нима учун буларни енга олмаётганлари ҳақида фикр юритишибди. Охири, айб ўзимизда бўлса керак, деган фикрга келишибди. Ўйлаб кўришса, дарҳақиқат, ўша пайт Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бирига амал қилмай қўйишган эканлар. Дарҳол бу камчиликни бартараф этиб, барча мужоҳидлар ўша тарк этилган суннатга амал қилишни йўлга қўйибдилар ва рақиб устидан ғолиб келибдилар.
Шундай экан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмай туриб, муваффақият ҳақида ўйлашнинг ўзи кулгилидир.
Демак, мусулмонлар ўзларига раҳм қилинишини хоҳласалар, намозни тўкис адо этсинлар, закотни берсинлар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйинсунсинлар.
Келгуси оятда мўмин-мусулмонлар пешвоси Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб этилади:
Эй Муҳаммад!

57. Сен куфр келтирганларни ер юзида қочиб қутула олгувчилардир, деб ҳисоблама! Уларнинг жойи дўзахдир. У нақадар ёмон борар жойдир!
Кофирларнинг бу дунёдаги ҳолатлари бошқача хаёлга олиб келмасин. Улар қайси даражага эришмасинлар, нималарга қодир бўлмасинлар, барибир қочиб қутула олмайдилар. Бир кун келиб, куфрлари жазосини тортадилар. Охир-оқибат, албатта, дўзахга тушадилар. Ўша жойнинг азобига гирифтор бўладилар.
Ислом дини инсон ҳаётини мукаммал тарзда жорий қилувчи дин бўлиб, у инсонга барча нарсани–Аллоҳ билан қандай муомалада бўлишдан тортиб, кичик-кичик мавжудотларга муносабати қанақа бўлишигача кўрсатиб беради. Ушбу Нур сураси бунинг ёрқин мисоли эканини кўриб турибмиз.
Мана, ҳозир ҳам у ер юзида халифа бўлиши, Ислом динини мустаҳкамлаши кераклиги баён қилинганидан сўнг, энди уй ичидаги баъзи муомалалар, хизматчи ва кичик ёшдаги болаларнинг изн сўраши борасида нималар қилишлари лозимлиги ва шунга ўхшаш бошқа масалаларга ҳам тўхтаб ўтилади:

58. Эй иймон келтирганлар!қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар: бомдод намозидан олдин, пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан сўнг. (Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир. Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ. Улар сизнинг атрофингизда, бир-бирингизга айланиб турувчидирсиз. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир.
Олдинги оятларда бировнинг уйига кириш учун албатта изн сўраш лозимлиги айтилган эди. Ушбу ояти каримада эса, уй ичидагиларнинг бир-бирлари олдига кириши учун изн сўраши кераклиги ҳақида гап юритилмоқда.
Аввалда қул ва чўрилар, ҳозирда уй хизматчилари одатда хонадон ичида аралашиб юрадилар. Шунингдек, кичик ёшдаги болалар ҳам. Кўплар бу ҳолатларга писандсизлик билан қарайдилар. Аслида эса, бу қул, бу чўри ёки бу ўзимизнинг хизматчимиз-ку, ёхуд, бу ўзимизнинг балоғатга етмаган кичик боламиз-ку, демасдан, ҳушёр бўлиш керак. Қул ва хизматчилардан ҳам авратни эҳтиёт қилган маъқул. Болаларнинг эса, одоб-ахлоқ доирасида тарбия топишларига аҳамият бериш керак. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу ишга алоҳида эътибор қаратиб, Қуръони Каримда оятлар тушириб, унинг ҳукмини баён қилмоқда.
«Эй иймон келтирганлар!қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар».
Яъни, қул ва чўриларингиз ҳамда балоғатга етмаган кичик ёшдаги болаларингиз сиз турган хос жойга киришдан олдин уч вақтда изн сўрасинлар. Ўша вақтларнинг биринчиси:
«...бомдод намозидан олдин...»
Чунки бу вақтда одам ҳали ўрнида ётган бўлади. Агар улар изн сўрамай кирсалар, ноқулай ҳолат юзага келиши мумкин.
Иккинчиси:
«...пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда...»
Айниқса, Қуръон нозил бўлган иссиқ ўлкаларда пешин вақтида ечиниб, салқинлаб, дам олмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Бу пайтда ҳам изнсиз кириш ноқулай ва гуноҳ ишга сабаб бўлиши мумкин.
Мазкур вақтларнинг учинчиси:
«...хуфтон намозидан сўнг».
Бу вақтда ҳам кишилар ечиниб, дам олаётган бўлади.
«(Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир».
Яъни, авратлар очиладиган вақтдир. Шунинг учун қул ва чўрилар ҳам, балоғатга етмаган ёш болалар ҳам изн сўраб кирсинлар.
«Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ».
Яъни, ўша вақтлардан бошқа пайт қул-чўриларингиз ва балоғатга етмаган ёш болаларингиз изн сўрамай кирсалар, ҳеч бирингизга гуноҳ йўқ. Чунки:
«Улар сизнинг атрофингизда, бир-бирингизга айланиб турувчидирсиз».
Одатда хизматчилар ва ёш болаларнинг кириб чиқишлари кўп бўлади. Уларга ҳар киришда изн сўраш жорий қилинса, қийинчилик туғилади. Шунинг учун мазкур аврат вақтларидан бошқасида изн сўрамай киришларига рухсат берилди.
«Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир».
Унинг ҳар бир ояти, ҳар бир ҳукми илмга, ҳикматга асослангандир.
Балоғатга етган болаларнинг изн сўраш ҳукми келгуси оятда баён қилинади:

59. Қачон сизнинг ёш болаларингиз балоғатга етсалар, улардан олдингилар изн сўраганидек, изн сўрасинлар. Аллоҳ Ўз оятларини сизга ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир.
Балоғатга етган ўғил-қизлар улардан олдин изн сўраб юрган катта кишилар каби, ота-оналари ва бошқалар ҳузурига изнсиз киришлари мумкин эмас.
Ривоятларда келишича, саҳобаи киромлардан бири ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг онам қариб қолган, мен унинг хизматини қилиб тураман, ҳар кирганимда рухсат сўрашим керакми?» деганида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нима, бўлмаса, онангни кийимсиз ҳолда кўрмоқчимисан?!» деган эканлар.
Айнан шу мулоҳаза туфайли балоғатга етган болалар бир оила аъзолари бўлсалар ҳам, бир-бирларининг ҳузурларига киришдан олдин изн сўрашлари жорий қилинган.
Ўтган оятларда аёл кишилар зийнатларини кўрсатмасликлари зарурлиги ҳақида баёнотлар келган эди. Энди келадиган оятда эса, ўта қари аёллар бу ҳукмдан мустасно қилинадилар:

60. Аёллардан (кексайиб) ўтириб қолганлари, никоҳни умид қилмайдиганларига зийнатларини кўз-кўз қилмаган ҳолда кийимларини қўйишларида гуноҳ йўқдир. Иффат талабида бўлсалар, ўзлари учун яхшидир. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир.
Ушбу оятдаги «кийимлари»дан мурод катта ёпинчиқ ва ҳамда устдан кийиладиган ридодир.
Аёл киши ўта қариб, никоҳдан умуман умидсиз бўлиб қолганда паранжи-чиммат қилмасликка рухсат бор. Лекин, шундай бўлса ҳам, иффатларини сақлаганлари ўзлари учун яхшидир. Аммо воқеъликда қари аёлларнинг ўраниб-чирманиб, ёшларнинг очилиб-сочилиб юргани кўрилади. Бу ҳам, яъни, ёшларнинг бу ҳолати шариатга бўйинсунмасликнинг бир кўринишидир.
Кейинги оятда қариндош-уруғлар ва дўст-биродарлар орасидаги алоқаларни тартибга солиш масаласи давом этади.

61. Кўзи ожизга гуноҳ-танглик йўқдир. Чўлоққа гуноҳ-танглик йўқдир. Беморга гуноҳ-танглик йўқдир. Сизнинг ўзингизга ҳам ўз уйингиздан ё оталарингизнинг уйларидан ё оналарингизнинг уйларидан ё ака-укаларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг уйларидан ё амакиларингизнинг уйларидан ё аммаларингизнинг уйларидан ё тоғаларингизнинг уйларидан ё холаларингизнинг уйларидан ё сиз калитига молик бўлган ёки дўстингиз (уйидан) емоқлигингизда (танглик) йўқдир. Сизларга жамланган ёки тарқоқ ҳолда емоқликда ҳам гуноҳ-танглик йўқдир. Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Шоядки ақл юритсангиз.
Ушбу ояти кариманинг аввалида кўзи ожиз, чўлоқ ва бемор кишиларга нимада гуноҳ бўлмаслиги, танглик йўқлиги ҳақида муфассир уламоларимиз ихтилоф қилишган. Бир гуруҳлари, уларнинг жиҳодга чиқмай қолишларида гуноҳ ва танглик йўқ, дерлар. Бошқалари, узрли кишиларнинг жиҳодга чиқмай қолишлари гуноҳ эмаслиги, бунда уларга ҳеч қандай танглик йўқлиги Фатҳ ва Бароат (Тавба) сураларида баён этилган, бу ерда эса, сўз жиҳод ҳақида эмас, балки айнан таом емоқ ҳақида кетмоқда, шунинг учун ҳам мазкур жумлани «таом ейишда уларга гуноҳ ва танглик йўқ», деб тушунмоқ керак, дейдилар ва бу фикрларини тасдиқловчи ривоятларни келтирадилар. Иккинчи тоифа муфассирларнинг фикрлари кучлироқдир.
«Кўзи ожизга гуноҳ-танглик йўқдир. Чўлоққа гуноҳ-танглик йўқдир. Беморга гуноҳ-танглик йўқдир».
Қуръони Карим таълимотлари кишилар онгида улкан инқилоб ясади. Улар ҳар бир нарсада ўта аниқлик билан иш тутиб, ҳалол-ҳаром, жоиз-ножоиз деган масалаларда ўта ҳассос бўлиб қолган эдилар.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар!молларингизни ўзаро ботил йўл билан еманглар», оятини нозил қилганидан сўнг, мусулмонлар, Аллоҳ таоло бизни молларимизни ўзаро ботил йўл билан ейишдан қайтарди, таом энг афзал мол ҳисобланади, бировнинг уйига чақирилса, бориб бўлмас экан, ўзи очиқ кўнгил билан бермаса, таомини еб бўлмас экан, деб тортиниб қолдилар. Шунингдек, кўзи ожиз, чўлоқ ва бемор кишилар билан бирга таом есак, заифликлари туфайли биз улардан кўп еб қўйиб, гуноҳ орттириб олмайлик, деб у заиф кишилар билан бирга таом емоқдан ҳам ўзларини тийиб қолдилар. Авваллари баъзи кишилар уйларида таом бўлмаса, ҳожатманд кишиларни, жумладан, кўзи ожиз, чўлоқ ва беморларни қариндош-уруғлари ва дўсти-ёрлари уйига олиб борар эдилар. Энди эса, бундан ҳам тортиниб қолдилар. Оятда мазкур ишлар қилинса, гуноҳ, тангилик йўқлиги баён қилинди.
Ояти каримада:
«Сизнинг ўзингизга ҳам ўз уйингиздан   емоқлигингизда (танглик) йўқ», дейилмоқда. Бундан одам ўз уйида ҳам изн сўраб ейиши керакми, деган савол туғилмайди. Балки қариндош-уруғ ва ёру дўстларнинг уйида таом емоқ ҳам худди ўз уйидан таом емоқ билан баробар экани билдириляпти.
«…ё оталарингизнинг уйларидан ё оналарингизнинг уйларидан ё ака-укаларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг уйларидан ё амакиларингизнинг уйларидан ё аммаларингизнинг уйларидан ё тоғаларингизнинг уйларидан ё холаларингизнинг уйларидан…» емоқлигингизда (гуноҳ-танглик) йўқдир.
Демак, оятда зикр қилинган тоифадаги кишиларнинг дастурхонидан алоҳида изнсиз, таклифсиз ҳам таом еса бўлаверади.
Уламоларимиз оятда ўғиллар зикр қилинмаганини отанинг уйи–боласининг уйи эканлиги эътиборидандир, дерлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир кишига: «Сен ҳам, молу мулкинг ҳам отангникидир», деганлар.
Оятда зикр қилинган қариндошлардан ташқари:
«Сиз калитига молик бўлган ёки дўстингиз (уйидан) емоқлигингизда (танглик) йўқдир», дейилмоқда.
«Калитга молик бўлиш» уй эгасининг калитни ишониб топшириб қўйишидир. Ана шундай кишилар инсоф билан, қоринлари тўйгунча есалар, бўлаверади.
Ойиша онамиздан Имом аз-Зуҳрий қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жиҳодга жўнаб кетаётган мусулмонлар уйлари калитларини ўзлари билган кишиларга топшириб, ҳожатингиз тушганда емоқни сизга ҳалол қилдик, деб кетар эканлар. Аммо калитни олиб қолганлар, қуруқ манзират учун айтилган бўлса керак, деб ўзларини тийишаркан. Ушбу оят билан уларга Аллоҳ ҳам изн берган.
«Дўст» деганда, ишончли дўст, биродари унинг уйидан изнсиз таом еса, хурсанд бўладиган дўст кўзда тутилгандир.
Шунингдек, ояти каримада:
«Сизларга жамланган ёки тарқоқ ҳолда емоқликда ҳам гуноҳ-танглик йўқдир», дейилмоқда.
Чунки қадимги араблар тўпланиб таом ейишни ёмон кўрар эдилар. Кинона қабиласи эса, таомни ёлғиз емоқни гуноҳ ҳисоблар эди. Шунингдек, ансорийларда ҳам меҳмони бор одам меҳмонсиз таом емас эди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳар ким ўз хоҳишича еявериши мумкинлигини баён қилди. Яъни, якка ёки жам бўлиб еганда гуноҳ йўқлигини билдирди.
Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида жам бўлиб таом емоқлик фазилат экани айтилган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Биз таом еймиз-у, қорнимиз тўймайди», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эҳтимол, якка-якка бўлиб ерсизлар. Таомни жам бўлиб ва Аллоҳнингг исмини зикр қилиб енглар, ўшанда баракали бўлади», дедилар».
Имом ибн Можа Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жам бўлиб енглар, тарқоқ бўлманглар, жамоатда баракот бордир», деганлар.
Кейин таом ейиш учун ёки бошқа ҳолатларда уйга кириш одоби баён қилинмоқда.
«Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар».
Жумладаги «ўзларингизга» сўзини бир-бирингизга ва ўзингизга-ўзингиз деб тушунмоқ лозим. Чунки бунинг баёнида келган ривоятларда, биров бир уйга кирганда ўша ерда бор кишиларга салом беради, агар у ерда ҳеч ким бўлмаса, «Ассалому алайна ва ала ибодиллоҳис-солиҳийн», деб ўзига ва солиҳларга салом беради, дейилган.
«Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Шоядки ақл юритсангиз».
Ҳа, Аллоҳ ҳар бир каттаю кичик нарсани мана шундай баён қилиб қўйган. Бандалар учун фақат бунга амал қилиб, саодатга эришмоқлик қолган, холос. Аммо буни фақат ақл юритганларгина англаб етадилар.
Мўминларнинг оиладаги, қариндош-уруғлар ва ёру биродарлар билан бўладиган муносабатлари баён қилиб бўлинганидан кейин, энди уларнинг Расули акрам билан бўладиган муомалалари ҳақида сўз кетади:

62. Албатта, мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган кишилардир. Улар у(Пайғамбар) билан бирга жамловчи (муҳим) ишда бўлсалар, ундан изн сўрамасдан туриб кетиб қолмаслар. Албатта, сендан изн сўрайдиганлар, ана ўшалар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирадиганлардир. Улар баъзи ишлари учун сендан изн сўрасалар, улардан кимга хоҳласанг, изн бер ва улар учун Аллоҳга истиғфор айт. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир.
Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни юксак одобга иршод этмоқда. Аввал бир жойга киришдан олдин изн сўрашга амр қилган бўлса, энди, одамлар жамланган жойдан кетишдан олдин ҳам изн сўраш лозимлигини таъкидламоқда.
«Албатта, мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган кишилардир. Улар у(Пайғамбар) билан бирга жамловчи (муҳим) ишда бўлсалар, ундан изн сўрамасдан туриб кетиб қолмаслар».
Хусусан, иш устида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар ва у иш мусулмонлар оммасига тегишли муҳим иш бўлса, алоҳида эътибор бериш лозим саналади. Бундай ишларга жамоатчилик ишлари ҳам дейилади.
Ибн Исҳоқ ривоят қилишларича, ушбу оятлар нозил бўлишига Ҳандақ урушига тайёргарлик кўриш пайтидаги ҳодисалар сабаб бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли аҳзоблар бирлашиб, бостириб келаётганини эшитганларидан сўнг мусулмонларни тўплаб, Салмони Форсий маслаҳатлари билан Мадинаи Мунаввара атрофига ҳандақ қазишни бошладилар. Бундай ўта қалтис пайтда ҳамма зўр ихлос билан ишлади. Аммо бу ишда мунофиқлар дангасалик қилдилар. Улар аста-секин беркиниб, уйларига қочиб кета бошладилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яширинча, бир оғиз изн сўрамасдан жўнаб қолдилар.
Аммо ихлосли мўмин-мусулмонлар бирор ишлари чиқиб қолса, албатта, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга узрини айтиб, изн сўрар эдилар. Ишини битириб бўлгандан кейин эса, дарҳол яна иш жойларига қайтиб келар эдилар.
«Албатта, сендан изн сўрайдиганлар, ана ўшалар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирадиганлардир. Улар баъзи ишлари учун сендан изн сўрасалар, улардан кимга хоҳласанг, изн бер ва улар учун Аллоҳга истиғфор айт».
Мўмин-мусулмонлар бошқа ҳолатларда ҳам худди шундай қилар эдилар. Ҳатто жума хутбаси ўқилаётганда ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан ишорат билан ташқарига чиқиб келишга изн сўрар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ишора билан изн берар эдилар.
Ислом жамиятида доимо шундай бўлиши керак. Жамоат ишларидан фақат бошлиқнинг изни билангина кетиш мумкин. Ҳожатини раво қилганидан кейин эса, дарҳол қайтиб, яна ишини давом эттириш лозим.
«Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир».
Келаси ояти каримада ҳам Пайғамбар алайҳиссалом билан бўладиган муносабатлар ҳақида баҳс юритилади.

63. Пайғамбарнинг орангиздаги даъватини бир-бирингизнинг даъватингизга ўхшатманг. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизлардан паналаб, аста-аста суғирилиб чиқиб кетадиганларни яхши билур. Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар.
Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласи ҳақида уламолар уч хил фикр айтганлар. Учала фикр ҳам бир-бирини тўлдириб келади.
Эй мўминлар,
«Пайғамбарнинг орангиздаги даъватини бир-бирингизнинг даъватингизга ўхшатманг».
Биринчи фикрга биноан, Пайғамбарни чақиришда, бир-бирингизни чақиришингиздаги лафзларни қўлламанг, дегани.
Чунки ўша вақтда баъзи одамлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Муҳаммад! Эй Абул Қосим» деб худди ўз тенгқурини чақиргандек муомала қилар эдилар. Бу оятдан кейин эса, «Эй Аллоҳнинг Расули! Эй Аллоҳнинг набийи!» деб мурожаат қиладиган бўлдилар.
Иккинчи фикрга кўра, Пайғамбарнинг чақириғини, буйруғини бошқаларнинг чақириғи каби оддий қабул қилманг, балки алоҳида аҳамият ва эътибор билан қабул қилинг, деганидир.
Учинчи фикрга кўра эса, Пайғамбарнинг дуосини, бошқаларнинг дуосига ўхшатманг, деганидир. У зотнинг дуоси, албатта, қабул бўлиши муқаррардир.
«Батаҳқиқ, Аллоҳ сизлардан паналаб, аста-аста суғурилиб чиқиб кетадиганларни яхши билур».
Мўмин-мусулмонларга ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўринмасликка ҳаракат қилиб, паналаб чиққанлари билан Аллоҳ таоло уларнинг ҳамма ишларини кўриб-билиб туради.
«Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар».
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларига хилоф қилганларга, албатта, фитна-синов ёки аламли азоб етиши турган гапдир. Ҳамма иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига мувофиқ бўлиши лозим. Бунга хилоф бўлган иш эса, мардуддир.
Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизнинг амримиз бўлмаган ишни қилган одамнинг иши мардуддир», деганлар.

64. Огоҳ бўлинглар! Албатта, осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. У зот сизнинг қай ҳолатда эканингизни яхши билур. Унинг Ўзига қайтариладиган кунда эса, қилган амаллари ҳақида уларга хабар берур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчи зотдир.
Яъни, эй одамлар, огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг ва Унинг Пайғамбарининг амридан чиқманг. Агар чиқадиган бўлсангиз:
«Албатта, осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир».
Ҳамма нарсанинг эгаси бўлган зот ҳамма нарсани кўриб-билиб туради. Шу жумладан, сиз қилаётган ишларни ҳам ошкорию махфийини кўриб-билиб туради. Ҳа:
«У зот сизнинг қай ҳолатда эканингизни яхши билур».
Ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиб боради ва:
«Унинг Ўзига қайтариладиган кунда эса...»
Яъни, одамлар Аллоҳнинг Ўзига қайтариладиган қиёмат кунида:
«...қилган амаллари ҳақида уларга хабар берур».
Нима иш қилган бўлсалар, кўрсатиб туриб, ўшанга яраша мукофот ёки жазо беради.
«Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчи зотдир».
У зотнинг билмаган нарсаси йўқ. Шунинг учун ҳар бир банда вақт борида ўзини ўнглаб, иймон ва ихлос ила Аллоҳга қуллик қилиб яшамоғи лозим.

Орқага Олдинга