loader

079. Назиат сураси

Маккада нозил бўлган 46 оят.
Ушбу сураи кариманинг исми ўзининг биринчи сўзидан олингандир. «Назиат» сўзи луғатда, «суғуриб олувчилар» маъносини билдиради. Ушбу оятда эса уламолар бу сўз нимани англатиши ҳақида турли баҳс қилган бўлсалар ҳам, ғолиб фикр «Жонни суғуриб олувчи фаришталар» маъносини билдиради, дейди. Худди шу хилда, суранинг бошидаги келаси тўрт оятда ҳам турли ишларни бажарувчи фаришталар билан қасам ичилган.
«Назиат» сураси Маккий суралардан бўлиб, худди бошқа Маккий суралар каби ақида усуллари, ваҳдоният, Пайғамбарлик, ўлгандан сўнг қайта тирилиш ва жазо масалаларини муолажа қилади. Суранинг асосий мавзуъси қиёмат ва унинг сифатлари, тақводорларнинг оқибатию, жиноятчи кофир-осийларнинг оқибатидир.
Сураи карима беш тоифа фаришталар: кофирларнинг жонини шиддат ила суғуриб олувчилар, мўминларнинг жонини лутф билан суғуриб олувчилар, булут каби сузиб юрувчилар, яхшиликда ким ўзарга мусобақа қилувчилар ва ишларнинг тадбирини қилувчилар билан қасам ичиш ила бошланади.
Сўнгра мушриклар, қайта тирилиш ва тўпланишни инкор қилувчилар ва уларнинг қиёмат кунидаги ҳоллари ҳақида сўз юритилади.
Кейин эса Фиръавн қиссаси келтирилади.
Сўнгра сураи карима кофир ва мушрикларга хитоб этиб, уларга таҳдид қилади.
Ва ниҳоят қиёмат соати ҳақидаги оятлар билан сурага хотима ясалади.
Аввал айтганимиздек, бу сураи карима қасам билан бошланади.
Араб тилида қасам турли услублар билан бўлади. Очиқ қасам ичиш маъносидаги сўзлар билан ёки қасам ҳарфлари–жумладан, «вов», «бе», «то» ҳарфлари билан. Қуръони Каримнинг бир қанча суралари қасам билан бошланган. Жумладан «Ан-Назиат» сураси ҳам. Бу ҳолатда қасам лафзлари ишлатилмайди, балки қасам ҳарфларининг ўзи кифоя қилади. Масалан: «Ван-Назиати»–ан-Назиат билан қасам ичаман, дегани. Одатда бир гапни таъкидлаш учун, унга эътиборни жалб қилиш учун, энг муҳим масалаларни баён қилишдан аввал қасам ичилади. Аллоҳ Ўзи яратган нарсалардан баъзиларини қасамда тилга олиши ўша нарсаларнинг аҳамиятини яна ҳам оширади.
Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсаси билан қасам ичаверади, бу Ўзининг иши. Лекин бандалар Аллоҳдан бошқа билан қасам ичишга ҳақлари йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган: «Ким қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ номи билан ичсин, бўлмаса жим турсин», деган ҳадиси шариф бор. Бир нарсани қиламан ёки қилмайман–деб қасам ичса, ўша ишни бажармоғи вожиб, агар бажара олмаса каффарот тўлайди. Яхшиси, ҳар нарсага Аллоҳ таолонинг номини ишлатиб, қасам ичавермаслик маъқул.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Шиддат билан жонни суғуриб олувчи(фаришта)лар билан қасам.
Бу фаришталардан мурод, ўлим фаришталарининг кофирлар жонини олишга вакил қилинганларидир. Улар ҳар бир кофирнинг жонини шиддат билан суғуриб олади. Чунки, кофирнинг жони баданига қаттиқ ёпишиб олиб, чиқишни хоҳламайди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, ҳар бир кофирга ўлими ҳозир бўлганда, унга жаҳаннамдаги жойи кўрсатилади. Уни кўрганда, кофирнинг руҳи баданига ёпишиб олиб чиқишни хоҳламайди. Шунда ўлим фаришталари уни куч билан, шиддатли ҳаракат билан тортиб олади.

2. Юмшоқлик билан жон олувчи(фаришта)лар билан қасам.
Бу оятдаги фаришталардан мурод эса, мўминлар жонини олишга вакил қилинган фаришталардир. Улар мўмин-мусулмон, тақводор бандаларнинг жонларини лутф ила юмшоқлик билан оладилар. Чунки, мўмин кишининг қалби ўзи шундоқ ҳам қудусият оламига парвоз қилишга ошиқиб турган бўлади. Ҳар бир мўминга ўлим ҳозир бўлганда унга жаннатдаги жойи кўрсатилади. Ана шунда унинг жони бадан қамоғи ва зулматидан тезроқ чиқиб кетишга шошилади. Ўлим фариштаси унинг жонини жуда осонлик билан олади.

3. Сузиб юрувчи(фаришта)лар билан қасам.
Ушбу ояти каримада Аллоҳнинг амрини ва ваҳийни ер юзига олиб тушувчи фаришталар билан қасам ичилмоқда. Улар ўзларига топширилган ишни тез бажариш учун осмонда сузиб юрадилар.

4. Ўзишда мусобақа қилувчи(фаришта)лар билан қасам.
Бу оятдаги қасам ичилган фаришталар яхшилик ишларни ким ўзарга мусобақа қилиб бажарувчи фаришталардир. Мисол учун, улар мўминларнинг руҳларини жаннатга тезроқ етказиш учун мусобақа қилар эканлар.

5. Амрнинг тадбирини қилувчи(фаришта)лар билан қасам.
Бу фаришталар эса борлиқдаги барча ишларнинг: шамол, ёмғир, ризқ, умр ва бошқаларнинг тадбирини қилиб турувчи фаришталардир.
Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло Ўзининг беш турли–кофирларнинг жонини шиддат билан олувчи, мўминларнинг жонини лутф билан олувчи, осмонда булутдек сузиб юрувчи, яхши ишларга ўзиб–шошилиб борувчи ва Аллоҳ амрининг тадбирини қилувчи фаришталар билан қасам ичди. Бу аввало мазкур фаришталарнинг Аллоҳнинг ҳузурида мартабаси улуғлигини кўрсатади. Ва қасамдан кейин келадиган масала ниҳоятда улкан эканини билдиради.
Ўша ҳақида қасам ичилган, ниҳоятда улкан масала келаси оятда зикр қилинади.

6. Изтиробга тушувчи изтиробга тушган кунда.
Демак,  мазкур, Аллоҳ таоло қасам ичиб таъкидлаётган нарса қиёмат куни экан. Бу кунда изтиробга тушувчидан мурод–ер курраси. Ўша куни ер шунчалик катта бўлишига қарамасдан изтиробга тушиб ларзага келаркан.
Ушбу оятда зикр қилинган изтироб сурга биринчи марта пуфланганда бўладиган изтиробдир. Ана ўшанда ер изтиробга тушиб, қаттиқ қимирлайди ва барча тирик жонзот ўлади.
 
7. Унга эргашувчи эргашганда.
Яъни, ер изтироби ва ларзасидан сўнг бошқа воқеалар унга эргашади, жумладан, осмоннинг ёрилиши, юлдузларнинг сочилиб кетиши ва бошқа даҳшатли ҳодисалар эргашади.
Бу воқеалар эса, сурга иккинчи бор пуфлангандан кейин бўлади. Ўшанда барча одамлар қабрларидан тирилиб турадилар ва Роббил оламиннинг ҳузурига борадилар.
Келаси оятларда мазкур воқеалар бўлиб турган пайтида кофир ва осийларнинг ҳоли қандоқ бўлиши васф қилинади.

8. Ўша кунда қалблар хавфга тўладир.
9. Уларнинг кўзлари қўрқинчга тўладир.
Бу икки оятда зикр қилинган қалб ва кўз эгалари кофирлардир. Улар қиёматнинг даҳшатларини ўз кўзлари билан кўрганларидан кейин қалблари хавфга, кўзлари қўрқинчга тўлади. Шунда улар беихтиёр қуйидаги гапларни айтадилар:

10. Улар, биз, албатта, ортга қайтариламизми?
11. Чириган суяк бўлганимиздан кейин ҳам–а?  дерлар.
12. Агар шундоқ бўлса, бу ҳасратий қайтиш-ку!  дерлар.
Бу ояти карималар дўзахийларнинг қиёмат кунидаги ҳолини баён қилади. Ўша кунда уларнинг қалблари хавфга, кўзлари қўрқинчга тўлиб, яна орқага қайтамизми, чириб кетганимиздан кейин ҳам-а?, деб сўрашади. Чунки улар бу дунёда ўлиб, суяги чиригандан сўнг қайта тирилиш йўқ, деб юрганлар-да. Улар бу қайтиш муваффақиятсиз, ҳасрат-надоматли қайтиш бўлишини билишади. Чунки бу дунёда тайўргарлик кўришмаган.
Эй кофирлар, бундоқ савол беришингиз нимаси.Аллоҳ таоло учун қиёматни қоим қилиш ҳам иш бўлибдими.

13. Албатта, у(қиёмат) бир қичқириқдан бошқа нарса эмас.
Яъни, Аллоҳ учун қиёматн қоим қилиш жуда осон нарса, бир қичқириқ билан, сурга бир пуфлаш билан бўлади. Бошқа нрсанинг ҳеч ҳожати йўқ. Гарчи  кофирлар қиёмат қоим бўлиши қийин, деб ўйлайдиган бўлсалар ҳам, уни қоим қилиш Аллоҳ таоло учун жуда осон. Ҳа, бир қичқириқ бўлса, бўлди.

14. Кўрибсизки, улар қиёмат майдонида турибдир.
Келажак оятларда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга, мусулмонларга тасалли бериш учун юқорида зикр қилинганга ўхшаш кофирлар, ёмонлар доимо, ҳар бир Пайғамбар даврида ҳам бўлгани, улардан хафа бўлиб ноумид бўлмасликка даъват қилиш учун ва ўша даврлардаги анбиё ва мўминлардан ўрнак олишга чақириб, Мусо ва Фиръавн қиссасини мухтасар қилиб келтиради.
Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони Каримда энг кўп келган қиссадир. Чунки, Мусо алайҳиссалом яҳудийларнинг Пайғамбари бўлганлар. Яҳудийлар эса арабларга яқин жойда яшашган ва арабларга анбиёларнинг, жумладан, Мусо алайҳиссаломнинг қиссаларини айтиб бериб юрганлар.
Қуръони Каримдаги қиссалар орқали кишиларга ибрат олишга даъват бўлган ва яҳудийлар томонидан сохталаштириб юборилган тарихни тузатиш ҳам бўлган.
Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн қиссаси Қуръони Каримнинг кўпгина сураларида гоҳ қисқа, гоҳ батафсил ва гоҳ ўртача шаклда келган. Ушбу сурада эса қисса мухтасар шаклда келиб, Фиръавн туғёнга кетгани сабабидан ҳалок бўлганини баён қилмоқда. Бунда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, мўмин-мусулмонларга тасалли бордир. Яъни, сизларга кофирлар етказаётган озорлардан хафа бўлманглар, дин душманлари ким бўлишларидан қатъий назар бари-бир ҳалокатга учрайдилар, деган маъно бордир.

15. Сенга Мусонинг хабари келдими?
Яъни, сенга Мусонинг хабари келган, буни биласан.

16. Қачонки Роббиси унга Муқаддас Тува водийсида нидо қилди.
Тува деб аталган муқаддас водийда Роббиси унга нидо қилган вақтда Мусо алайҳиссалом улкан Пайғамбарлардан бўлиб, Аллоҳ таоло тарафидан бошқаларга насиб этмаган марҳаматларга, жумладан Ҳақ субҳанаҳу билан роз айтиш–бевосита сўзлашиш шарафига муяссар бўлганлар. Бу улкан ҳодиса оятда зикр қилинган Тур тоғида, Тува номли муқаддас водийда содир бўлган. Шунда айтилган сўзлардан баъзилари қуйидаги оятларда келади. Ўшанда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга:

17. Фиръавн ҳузурига бор, албатта у туғёнга кетди.
Фиръавн–Мисрга ҳокимлик қилганларга бериладиган лақаб. Ўзининг бошқа исми бор. Лекин подшоҳ бўлгандан сўнг унга нисбатан фақат «Фиръавн» сўзи ишлатилган. Мусо алайҳиссалом даврларидаги Фиръавн Аллоҳни унутиб, туғёнга кетиб, ҳаддидан ошиб, кишиларга зулмни кўпайтирган, ҳаттоки худолик даъвосини ҳам қилган. Шундай золимга, туғёнга кетган подшоҳга Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Мусо алайҳиссаломни юбориб юмшоқ гапришни тайинлаяпти.

18. Бас унга айт: «Сенда покланишга (рағбат) борми?»
Яъни, эй, Фиръавн, сенда кофирлик, худолик даъвосини қилиш ва бошқа гуноҳларингдан покланишга рағбат борми?, дегин.
Бунда динга даъват қилувчилар учун катта ибрат бор. Даъват қилинаётган шахс Фиръавн бўлса ҳам, унга юмшоқ гапириб, тушунтириб даъват қилиш керак.

19. Ва сени Роббингга ҳидоят қилсам, шоядки (ундан) қўрқсанг, дегин.
Яъни, мен сени Роббингни рози қиладиган нарсага иршод қилайми? Шояд ўша иршодга амал қилиб Аллоҳдан қўрқадиган, унга тақво қиладиган бандалардан бўлсанг.
Ушбу оятда олдин ҳидоят, кейин қўрқишлик зикр қилиниши ҳам ўзига яраша ҳикматга эга. Чунки, банда ҳидоят топмагунча, Аллоҳдан қўрқмайди.
Кейинги оятларда эса Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн орасида бўлиб ўтган можоролар зикр қилинади.

20. Ва унга улкан аломатни кўрсатди.
Аллоҳ ўз Пайғамбарларини қўллаб-қувватлаш, кишиларга улар ҳақиқий Пайғамбар эканлигини тан олдириш учун мўъжизалар беради. Мусо алайҳиссаломга ҳам Аллоҳ таоло кўплаб мўъжизалар берган. Мўъжизани Қуръони Карим баъзида оят-аломат, дейди. Бу оятдаги улкан аломатдан мурод-Мусо алайҳиссаломга берилган катта мўъжиза-қўлларидаги ҳассанинг илонга айланишидир. Демак, шу мўъжизани у зот золим Фиръавнга кўрсатдилар, Шунда,

21. Ул уни ёлғонга чиқарди ва осий бўлди.
Яъни: Фиръавн Аллоҳнинг Пайғамбари бўлмиш Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқарди ва Аллоҳнинг амрига исён қилди.

22. Сўнг ортига ўгирилиб, тезлаб кетди¬.
Яъни, Фиръавн Мусо алайҳиссалом томонларидан кўрсатилан мўъжизаларни кўрганидан кейин, ортига ўгирилиб., тезлаб юриб кетди.

23. Кейин (одамларни) тўплади ва нидо қилди.
Фиръавн Мусо алайҳиссалом олдиларидан бурилиб кетганидан кейин бориб, ўз ҳукми остида яшаётган одамларни бир жойга тўплади.

24. Ва, мен сизларнинг энг олий Роббингизман, деди.
Яъни, Робблик даъвосини қилди. Қилганда ҳам, энг олий Рооблик даъвосини қилди. Чунки, Мусо алайҳиссалом Фиръавнни ҳам, бошқаларни ҳам Роббил Оламийнга ибодат қилишга даъват қилган эдилар. Фиръавн ўзининг бу тасарруфи ила, Мусо даъват қилаётган Робб эмас, мен энг олий Роббман, демоқчи бўлди.

25. Бас Аллоҳ уни аввалги ва охирги гуноҳлари учун азобга олди.
У бўса, ақлини йўқотиб, мен сизларнинг энг олий Роббингизман, деб юрибди.

26. Албатта, бунда У зотдан қўрққанлар учун ибрат бордир.
Аллоҳга исён қилганлар. Пайғамбарларга эргашмаганлар оқибати доим шундоқ бўлиб келган. Аллоҳ буларга ўхшашдан Ўзи асрасин. Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн қиссаси тугагач, яна ўлгандан сўнг қайта тирилишни инкор қилувчиларга хитоб бошланади.
Эй, ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишомаётганлар. Айтинглар-чи?

27. Сизларни яратиш қийинми ёки У зот бино қилган осмонними?
Яъни эй одамлар, ўлгандан сўнг тирилишга ишонмаяпсизлар-а? Лекин ўзингиз ўйлаб кўринг: осмонни ҳам, сизларни ҳам Аллоҳнинг Ўзи яратган. Шундай улкан нарсани яратган Зот сизларни қайта тирилтиришга қодир бўлмасмиди?
Аллоҳ таоло ушбу оятда осмонни яратишини-бино қилиш, деб атамоқда. Бино қилиш эса турли бўлакларни бир бирига бирлаштириб, бир бутун бино ҳосил қилиш демакдир. Аллоҳ таоло осмонни бино қилишда ҳам турли юлдуз, сайёра ва бошқа мавжудотларни бир-бирига боғлиқ қилиб, бир низомга тушириб ясагандир.
Осмоннинг чеки қаердалиги била олмаган инсон уни ва ундаги барча нарсаларни яратган зот ўлганларни қайта тирилтиришига ишонмаслиги қизиқ!

28. Унинг шифтини юқори кўтарди ва бекаму кўст, мустаҳкам қилиб қўйди.
Яъни, Аллоҳ таоло осмонни ердан кўтариб, баланд қилиб яратди. Ҳамда унда бир камчилик, нуқсон ёки тафовут бўлишига йўл қўймади.
Шундоқ нарсаларни қилишга қодир бўлган зот ўлганларни қайта тирилтира олмасмиди?!
Ўша зотнинг Ўзи яна,

29. Кечасини қоронғу ва кундузини ёруғ қилди.
Эй қайта тирилишни инкор қилаётганлар, айтингчи! Кечасини қорону қилган Аллоҳ ўлганларни кайта тирилтира олмасмиди?! Кундузини ёруғ қилган Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтира омасмиди?!
Кечаси билан кундузи қуёш системасидаги ер шарининг ўз ўқи атрофида айланишидан юзага келади, дейсизми? Ўша қуёш системасини, ундаги барча нарсаларни, жумладан ерни ўз ўқи атрофида айланадиган қилиб қўйган зот–Аллоҳ эмасми?! Ана ўшанча нарсани йўқдан бор қилган зот бор нарсани қайта тирилтира олмасмиди?!
 
30. Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди.
Инсон ер куррасидаги мавжудотларнинг биттаси, холос. Ернинг ўзини яратган зот–Аллоҳ унинг ичидаги нарсалардан бири бўлган одамларни ўлганларидан кейин қайта тирилтира олмасмиди?!

31. Ундан сувни, ўт-ўланларни чиқарди.
Ернинг ўзи жонсиз тупроқдан иборат. Бир ўлик нарса. АммоАллоҳ таоло Ўз қудрати ила ўша ўлик нарсадан ҳаёт манбааси сувни ва вужуди ўниб–ўсиб турадиган ўт–ўланларни чиқарди. Ана ўшаларни қилган зот ўлган одамларни қайта тирилтира олмасмиди?!

32. Ва тоғларни собит қилди.
Эй ўлгандан кейин қайта тирилишга ишомаётганлар, айтингчи, ўзингиз кўриб турган улкан тоғларни собит қилган зот–Аллоҳ сизларни ўлганингиздан кейин қайта тирилтира олмасмиди?!

33. Сизларга ва чорваларингизга манфаат бўлсин учун.
Аллоҳ таоло мазкур нарсаларнинг ҳаммасини сизларга ва чорваларингизга фойда бўлсин учун қилди. Сиз бўлсангиз У зотга шукр келтириш ўрнига куфр келтириб турибсиз!
Шунча ишларни қилган Зот ўлган одамларни қайта тирилтиришга қодир бўлмасмиди?!

34. Вақтики катта ғолиб (қиёмат) келса.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган Томматул кубро-қиёматнинг номларидан бири. Биз уни «катта ғолиб»,–деб таржима қилдик. Чунки, луғавий маъноси шундоқ. Ҳақиқатда ҳам қиёмат ҳамма нарсадан ғолибдир.

35. У куни инсон қилган ишларини эслайдир.
Чунки, ўша катта ғолиб сифатига эга бўлган қиёмат кунида. фақат амалга қараб ҳукм чиқади. Ана ўшанда ҳар бир одам боласи ўзининг ҳаёти дунёда қилган амалларини эслашга тушиб қолади.

36. Ва жаҳаннам кўрадиганларга зоҳир қилинадир.
Ана шунда ҳар кимнинг кимлиги аён бўлади.

37. Аммо кимики туғёнга кетиб, ҳаддидан ошган бўлса.
Кимки, ҳаёти дунёда туғёнга кетиб, ўзини йўқотиб иймон келтирмаган бўлса ва ҳаддидан ошиб осийликлар килган бўлса,

38. Ва бу дунё ҳаётини устун қўйган бўлса.
Бу ҳаёти дунёни охиратдан устун қўйган бўлса. Охиратни ўйламай, фақат дунёнинг ғамида ўтган бўлса,

39. Бас, албатта, Жаҳийм (унга) ўрин бўладир.
Бошқа нима ҳам бўлиши мумкин. Охиратни ўйламаганларга, бу дунёда унинг учун таёргарлик кўрмаганларга, албатта, қиёматда жаҳийм жой бўлади –да!
 
40. Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса.
Ким ҳаёти дунёда Аллоҳ таолога рўбарў бўладиган мақомдан қўрқиб, ўз ҳавои нафсини жиловлаб, дин амридан чиқмай юрган бўлса,

41. Бас, албатта, жаннат  (унга) ўрин бўладир.
Чунки, Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтириб, ибодат ила ўтган ҳар бир бандага жаннатдан жой беришни ваъда қилган.
Мазкур оятлар ҳар ким ўзининг ким эканини аниқ ўлчаб оладиган дақиқ тарозудир. Ортиқча гапнинг кераги йўқ.
Ўтган оятларда «Томматул кубро»–«катта ғолиб»-бўлган қиёматнинг баъзи ҳолатлари васф қилиниб, сўнгра кимлар жаҳаннамга тушадию, кимлар жаннатдан жой олиши айтиб ўтилгандан сўнг, энди келадиган оятларда қиёматга иймони йўқларнинг У кунга нисбатан бўлган мавқифлари баён қилинади. Уларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга истеҳзоли савол беришлари у зотга бевосита хитоб қилиб айтилади.

42. Сендан, қиёмат қачон бўлур, деб сўрашадир.
Яъни, эй Пайғамбарим, крфирлар сендан қиёмат қачон бўлади?, деб сўрарлар.
Уларнинг бу саволи истеҳзо учундир. Улар, мен айтаётган қиёматинг бўладиган бўлса, бўла қолмайдими?, қабилида савол бермоқдалар.

43. У(қиёмат)нинг зикрини сен қандоқ билардинг.
Яъни қиёмат қачон бўлишини сен билмайсан. Аллоҳнинг Ўзигагина хос бўлган нарсани сен қаёқдан ам билар эдинг.

44. Унинг интиҳоси Роббинггагина хос.
Яъни қиёматнинг қачон бўлишини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади холос. Бошқа ҳеч ким билмайди.

45. Албатта сен у(қиёмат)дан қўрқувчиларга огоҳлантирувчисан, холос.
Қачон бўлиш вақтини белгилаб берувчи эмассан. Сенга бу хусусда топширилган вазифа одамларни қиёмат бўлишидан огоҳлантириш, уларни ўша кунга таёрланишга ундаш, холос.

46. У(қиёмат)ни  кўрган кунлари худди бу дунёда бир кеча ёки кундуздан бошқа турмаганга ўхшарлар.
Яъни улар бу дунёда ғурурга кетиб юрган бўлишларига қарамай, қиёматнинг даҳшатидан бу дунёда кечирган ҳаёти бир кун ҳам яшамаганга ўхшаб туюлади. Аллоҳ таоло ундай ҳолдан барчамизни Ўзи асрасин.

Орқага Олдинга