loader

077. Мурсалат сураси

Маккада нозил бўлган. 50 оятдан иборат.
Ушбу сура ҳам ўзининг биринчи оятида келган «мурсалат» сўзи ила номланади.
Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг амри билан фаришта Жаброил алайҳиссалом Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга оятма-оят Маккада тушурган «Мурсалат» сураи каримасида ҳам қиёмат кунининг ҳақлиги, унинг азоблари, Аллоҳнинг чексиз қудрат ва мўъжиза эгаси эканлиги зикр қилинади.
Сура борлиқдаги баъзи ишларнинг тадбирини қилиб турувчи фаришталар билан қасам ичилган оятлар ила бошланади.
Ана шу оятларда Аллоҳнинг вафот этган инсонни қайта тирилтиришдек буюк қудрати гуноҳкорларнинг охиратдаги ҳолатлари, у ерда дучор бўладиган азоб-уқубатлар зикр қилинади.
Гуноҳкорлар ҳақида сўз тугагандан сўнг тақводор мўминлар ҳақида хабарлар келади. Аллоҳ таоло улар учун тайёрлаб қўйган ҳурмат ва эъзозларни яна бир бор эслатади.
Суранинг охирида эса кофирларниг Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортишлари баён қилинади.
Сураи карима ҳақида қисқача тафсилот берган бўлдик. Энди ушбу суранинг тафсирига ўтсак.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Кет-кет юборилганлар билан қасам.
«Мурсалат» сўзи «юборилганлар» маносини англатади. Тафсирчиларимиз бундан кўзланган мақсад нималигини баён қилишда икки хил фикр айтишган. Биринчи гуруҳ олимлар «Мурсалат»дан мурод фаришталар, деган бўлса, иккинчи гуруҳ уламолар, «Мурсалат»дан мурод шамол, дерлар.
«Урфан» сўзининг ҳам икки хил маъноси бўлиб, биринчиси маъруф, яъни яхшилик, демакдир.
Иккинчи маъноси эса отнинг ёлига қиёс қилиниб бир-бирига жипс, кетма-кет деган маънони англатади.
Агар оятни «урфан»нинг биринчи маъносига асосланиб тафсир қиладиган бўлсак, «яхшилик, амри маъруф учун юборилган фаришталар билан қасам» дегани бўлади.
«Урфан»нинг иккинчи маъносидан келиб чиқиб тафсир қиладиган бўлсак, унда кетма-кет юборилган фаришталар билан қасам», деган маънони билдиради. Ер юзида Парвардигор ваҳийсини етказиш ва бошқа вазифаларни бажариш учун кетма-кет юборилган кўплаб фаришталарни англатади. Демак иккала маъно ҳам тафсир қоидаларга хилоф бўлмай, балки бир-бирини тўлдириб туради. Шу боис уламоларимизнинг ҳар икки маъно хусусидаги фикрлари тўғридир.

2. Қаттиқ эсган шамоллар билан қасам.
Биринчи оятда зикр қилинган фаришталар билан ушбу 2-оятдаги шамоллар ўртасида узвий боғланиш бор. Чунки фаришталар Аллоҳдан ваҳий, башорат, ғалаба ва хотиржамлик каби яхшилик хислатларини олиб келади. Шамоллар эса ер юзига ёмғир, серҳосиллик келтиради. Демак ҳар иккала ҳолат ҳам Парвардигор иродасига бўйсунган. Боғланиш ҳолати ана шу ҳикматда.

3. Ва (шариатни) нашр қилувчилар билан қасам.
«Нашр қилувчилар» дейилганда шуни тушуниш керакки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу дунёда бандаларнинг қилмишларини китоб ҳолида тўплаб берувчи фаришталар доимо инсоннинг ҳар бир қадамини назорат қилиб туришини хабар қилади. Агар бандаси Ислом ва шариат ҳукмига мувофиқ иш қилса савоб, зид иш қилса гуноҳга ботиб фаришталар ул банданинг номасига ё у ё бу ҳолатни битиб берадилар. Яъни, нашр қиладилар.

4. Фарқловчилар билан қасам.
Яъни, ҳақни ботилдан фарқловчи фаришталар билан қасам.

5. Ваҳийни, ташувчилар билан қасам.
Аллоҳнинг ваҳйини Пайғамбарларга ташиб келтирувчи фаришталар билан қасам.
6. Узрларни ёки огоҳлантиришларни ҳам.
Яъни, мазкур фаришталар етказадиган ваҳийнинг ичида яхши бандалар учун узр ва гуноҳкорлар учун огоҳлантириш бор.

7. Албатта, сизга ваъда қилинаётган нарса воқеъ бўлгувчидир.
Яъни, Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда зикри келган нарсалар билан қасам ичиб айтмоқдаки, ваъда қилинган қиёмат кунининг воқеъ бўлиши ҳақдир, унга ҳеч қандай шубҳа йўқдир.
Энди ўша зикри келган, бандаларга огоҳлантириш тарзида ваъда қилинган қиёмат кунидан бир кўринишни мисол қилиб кўрсатувчи оятлар келади.

8. Бас, вақтики юлдузлар ўчирилса.
Яъни, нурлари кетказилса, йўқ қилинса.
Ҳа, қиёматда Аллоҳ таоло Ўз қудрати билан шундай чароғон юлдузларни ҳам нурсиз қилиб қўяди.

9. Ва вақтики, осмон ёрилса.
Ҳозир озон қатламида ёриқ пайдо бўлганлигини бутун жаҳон матбуоти ташвиш билан ёритяпти. У туфайли бўлажак ҳалокатлар тахмин қилинмоқда. Қиёматда эса бутун етти қават осмон Яратган Зот қудратидан парча-парча бўлиб ёрилади.
Хўш унда, азизлар, бизга ким мадад бераркин?!

10. Ва вақтики, тоғлар кўчирилса.
Қиёматда осмон ёрилгач, баҳайбат тоғлар худди титилган увададек жонсиз учиб юради.

11. Ва вақтики, Пайғамбарларга вақт белгиланса.
Яъни, ўз умматларига гувоҳлик бериш учун Пайғамбар алайҳиссаломларнинг ҳар бирларига вақт таъйин қилинса.

12. Қандоқ кунга сурилган-а?
Яъни, Пайғамбарларнинг гувоҳлик беришларинии қандоқ ҳам улуғ кунга суриб қўйдик-а, деяпти Ҳақ субҳанаҳу ва таоло.

13. Ажратиш кунига.
Қиёмат куни бекорга «явмул фасл», деб аталмаяпти. Чунки бу кун ажратиш кунидир. Бандалар ораси, ҳақ билан ботил ажрим қилинадиган  ва барча ажралиши лозим бўлган нарсалар  ажратиладиган кундир. Бу дунёда кишининг ҳаққи бировда қолиб кетиши мумкин. Лекин «явмул фасл»да бандалар қайта тирилганларида ҳеч кимнинг гуноҳи ёки савоби бошқа бир кишига ўтиб қолмайди. Балки бу дунёда бандаси нима амал қилган бўлса, шунга яраша жазо ёки мукофот олади. Парвардигор бандалари орасини шундай бир мўъжиза билан ислоҳ қиладики, бунга фақат Ул Зотнинг Ўзигина қодирдир.

14. Ажратиш кунини сенга нима билдирди?
Қуръони Каримнинг бир қанча оятларида қиёмат кунининг ҳақлиги, шиддати, азоби қайта-қайта баён қилинган. Павардигор ушбу оятда ҳам ана шунга ишора қилиб савол бермоқда.

15. Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин?
«Вайл» бу оятда «ҳолига вой» бўлсин деган маънони англатади.
Ушбу ояти карима «Мурсалат» сурасида ўн марта такрорланган. Бу усул араб тилининг фасоҳати ва балоғати нуқтаи назарида юқори даражали усул ҳисобланади. Чунки у бежизга ўн марта такрорланмаган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг маҳбуб Пайғамбари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга ушбу «Мурсалат» сурасини нозил қилар экан, зора кофирлар иймонга келсалар, деган мақсадда улардан олдин ўтган қавмлар ҳолатини эслатади. Инсонни бир томчи ҳаром сувдан, яъни нутфадан яратилганлигига ишора қилади. Ҳаммани она қорнида зарарсиз сақланадиган қилдик дейди. Ернинг яратилишига, бу мағрур тоғларнинг, улардаги зилол булоқ сувларининг ризқ учун бериб қўйилганлигига ишора қилади. Хуллас, суранинг охирги оятигача ўз қудратини қайта-қайта мисоллар билан эслатаверади.
Зора кофир бандаларим иймонга келса, зора маҳбубимнинг даъватлари бекор кетмаса... Бу ношукр бандалар шунда ҳам Аллоҳнинг ягоналигини, қиёмат кунининг муҳаррарлигини инкор қилади. Парвардигор уларнинг нақадар тубанликка юз тутганлигидан ғазабланиб, энди улар ҳолига «вайл бўлсин», «вайл бўлсин» дея хитоб қилади. Бу хитоб сураи карима охиригача қаттиқ бир оҳонглаштириш бўлиб янграйверади, янграйверади...
Энди қисқача шарҳ қилганимиз келгуси оятлар билан муфассал танишамиз:

16. Аввалгиларни ҳалок қилмадикми?
Яъни, аввал ўтган Пайғамбарларни ёлғонга чиқарувчиларни: Нуҳ, Од, Самуд қавмларини ҳалок қилмадикми?!

17. Сўнгра кейингиларини уларга эргаштирмадикми?
Яъни, сўнгра уларга ўхшаган: Лут, Шуаъйб ва Мусо қавмларини ҳам ўшаларнинг ортида азобга дучор қилиб ҳалок этмадикми?!

18. Гуноҳкорларни шундоқ қиламиз.
Яъни, қаерда, қачон ўшаларга ўхшаш жиноятчи-кофир ва осийлар пайдо бўлиб, уларнинг жиноятини такрорласалар, Биз  уларни ҳам аввалгиларга ўхшатиб ҳалок қилаверамиз.

19. Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
20. Сизларни ҳақир сувдан яратмдикми?
Яъни, Эй нобакор кофирлар, Аллоҳ иймон келтиришга амр қилган нарсаларни ёлғонга чиқараётган жиноятчилар! Эс-ҳушингизни йиғинг! Ўзингизча ховлиқиб, босар-тусарнингизни билмай, ўзингизни яратган Холиққа куфр келтирманг. Сизни аслингиз нима эканини ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Бас, сизларни ҳақир сувдан яратмадикми?!
Маний, деб номланадиган, ҳар ким жирканадиган, бирор ерига тегиб қолишидан эҳтиёт бўладиган арзимаган сувдан яратмадикми?! Бунча ховлиқасизлар ўзи?!

21. Бас, уни мустаҳкам қароргоҳга жойламадикми?
22. Маълум вақтгача
Яъни, ҳомилани она раҳми-бачадонига жойламадикми? У ҳомилани зарарсиз, асровчи бир қароргоҳдир, деяпти Ҳақ таоло. Онанинг бачадони «мустаҳкам қароргоҳ» эканини тиб илми ҳам ҳар тарафлама тасдиқлайди.
Ҳомила она бачадонида муайян вақтгача туриб, вақти соати етганда туғилишига ишора қилинмоқда. Бу Қуръони Каримнинг яна бир мўъжизасидир.

23. Бас, биз қодир бўлдик ва қандоқ ҳам яхши қодир бўлувчимиз.
Яъни, юқорида айтилган ишларга қодир бўлдик, қодир бўлганда ҳам, ниҳоятда ажойиб, инсоният тафаккуридан устун бир ҳолатда, қодир бўлдик, деяпти Парвардигор.
Демакки, инсонни йўқдан бор қилган Аллоҳ уни ўлгандан сўнг тирилтиришга ҳам қодирдир.

24. Ўшал кунда ёлғонга чиқавчиларга вайл бўлсин!
Энди Аллоҳ таоло ер юзига ва ундаги Ўзининг чексиз қудратига далил бўлган нарсаларга эътиборимизни тортади:

25. Ерни ўзига тортувчи қилиб қўймадикми?!
26. Тирикларни ва ўликларни.
Яъни, ер устида юрган тирикларни ҳам ўзига тортади, ўликларни ҳам.
Мана шу оятнинг ўзиёқ Парвардигорнинг буюк қудрат ва мўъжиза соҳиби эканлигига ишорадир. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўн саккиз минг оламни яратгандаёқ ҳар биринии ўзига хос хусусият билан бино қилган эди. Унинг қудратининг бир учқуни бўлган, сиз билан биз ризқ-рўз териб яшаётган заминимизни олайлик. Ерни думалоқ қилиб яратди, тоғларни унинг устига бино қилиб ер мувозанатини босиб турувчи қозиқ қилиб қўйди. Ва ниҳоят ерни тортиш кучига эга қилди. Токи ундаги мавжудотлар унда муқим ўрнашсин, у айланганда тўкилиб, сочилиб кетмасин деб. Ҳозиргина сиз ўқиган оятлардаги буюк бир башоратни дунё яралиб орадан миллион йиллар ўтгач башарият фани кашф қилди. Яъни, ер ўз ўқи атрофида айланади, тортишиш кучига эга ва ҳоказо.
«Тирикларни ва ўликларни» оятига ҳам энди ортиқча шарҳ лозим бўлмаса керак. Чунки ҳар бир онгли китобхон яхши биладики, ер юзидаги тирик мавжудотлару инсонлар унинг тортишиш кучи туфайли унинг қобиғидан бошқа саёрага чиқиб кетмайди. Ёки инсон ўлгач, албатта тупроққа қўйилади, ва ҳоказо...

27. Ва Биз унда юкасак тоғлар қилдик ва сизларни зилол сув билан суғордик.
28. Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Кейинги оятларда Аллоҳ динни ёлғонга чиқарувчиларни аянчли оқибат кутаётганлиги ҳақида зикр қилиб бундай дейди:

29. Юрингиз! Ўзингиз ёлғонга чиқарган нарсага қараб.
Яъни, эй инсонлар, сизлар ёруғ дунёда дўзахнинг борлигини, ундаги азобларни ёлғонга чиқарар эдингиз-ку? Энди, ўша ўзингиз ёлғонга чиқарган нарсага қараб юрингиз, демоқда Ҳақ субҳанаҳу ва таоло. Бу охиратда бўладиган нидодир.

30. Юрингиз! Уч шўъбаси бор «соя»га қараб.
Бу оятдаги «соя»дан мурод жаҳаннам тутунининг соясидир. Чунки Парвардигор қудрати билан жаҳаннам қиздирилганда ундан тутун чиқади ва оловнинг кучи ҳамда шиддатидан бу тутун уч шўъбага бўлиниб кетади. Мазкур соя ҳеч кимга салқинлик бермайди ва ҳеч кимни оловдан ҳам сақлаб қололмайди. Бу ҳолат қўйидаги ояти каримада тўлиғича баён қилинади.

31. У салқин қилувчимас ва оловни ҳам қайтармас.
Яъни, ўша уч шўъбаси бор соя, остидаги кишига салқин солмайди, уни офтоб иссиғидан тўсмайди. Шу билан бирга у атрофдан ёниб-алангаланиб келаётган дўзах ўтининг тилларини ҳам дафаъ қилмайди.
Дўзах аҳлига юборилган азоб уларни масхара қилиш, устиларидан кулиш учун «соя» деб аталмоқда. Бу аҳли жаннатга берилган ҳақиқий роҳатбахш соя муқобилига зикр қилинган бўлиб, аҳли дўзах надомати устига надомат бўлади. Аслида эса уларниинг устига жаҳаннамга қўйилган оловдан чиққан қоп-қора тутун кўтарилади ва шиддатидан учга бўлиниб, уларга азоб етказа бошлайди.
Кейинги оятларда жаҳаннам ва унинг даҳшатлари васфи давом этади.

32. Албатта у (жаҳаннам) қасрдек учқунларни отадир.
Яъни, жаҳаннамдан тутунга қўшилиб чиқувчи учқунларнинг қасрдек келади.

33. У (учқун) худди қорамтир-сарғиш туяларга ўхшайдир.
Яъни, ўша жаҳаннам оловидан отилиб чиққан ҳажми қасрдек келадиган учқуннинг ранги ва ҳаракати худди қорамтир-сарғиш туяларга ўхшайди.
Ушбу оятда ажойиб ўхшатиш ишлатилмоқда. Уни англаб етган ҳар бир одамнинг ақлига дарҳол, агар жаҳаннам оловидан ажраб чиққан учқуннинг ҳажми қасрдек, ранги ва ҳаракати улкан, қорамтир-сарғиш туядек бўлса, оловнинг ўзи қандоқ бўлар экан, деган савол келиши турган гап.

34. Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Ана энди динни ёлғонга чиқарувчиларнинг ҳиёмат кунидаги руҳий ҳолатлари васф қилинади:

35. Бу, улар гапира олмайдиган кундир.
Охиратни ёлғонга чиқарувчилар қиёмат кунида ўшал куннинг даҳшатидан қўрқиб гапира олмайдилар.

36. Ва уларга узр айтишга изн берилмайдир.
Узр айтишга ҳам имконият бўлмайди. Чунки бу вақт узр айтадиган пайт эмас. Чунки бу дунёда Аллоҳ уларни яхшилик йўлига чақирса-да, улар нотўғри йўлни танлаганлар. Энди уларнинг тавбаси қабул қилинмайди.

37. Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Қиёмат куни бандалар ўртасида адолатли ҳукм чиқариладиган кун экани, бу кунда макру ҳийлалар ўтмаслиги тўғрисида оятлар бундай нозил бўлган:

38. Бу ажратиш куни сизларни ва аввалгиларни жамладик.
Қиёмат кунида дунё яралгандан буён ўтган инсоният тирилтирилиб, ҳақ ботилдан, яхши ёмондан ва мўмин кофирдан ажратилади.

39. Бас, сизларнинг ҳийлангиз бўлса, Менга ишлатиб кўринг-чи?
Аллоҳнинг азобидан қутилиб қолиш учун қўлингиздан нима ҳийла найранг келса қилиб кўринг. Қани қутила олармикансиз?!

40. Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Энди Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тақводор бандалар учун тайёрлаган ҳурмат-эҳтиромли ва нозу неъматлари ҳақида зикр қилади:

41. Албатта тақводорлар соялар ва булоқлардадир.
Яъни, бу дунёда Аллоҳга тақво қилиб яшаган, Унинг азобидан ўзларини сақлаш учун, амрларини бажариб, наҳийларидан қайтган, тоат-ибодат ила ўтган аброр бандаларга қиёмат куни сербарг дарахтлар сояси ва ажойиб булоқлардан оқиб турган кўз кўриб қулоқ эшитмаган шароблар бўлади.

42. Ва ўзлари хоҳлаган мевалардадир.
Яъни, ўша аброр бандаларга жуда кўп, турли-туман ўта лаззатбахш мевалар ҳам ато қилинади.
Ана шундай роҳат-фароғатда бўлган тақводор бандаларга Роббиси бундай хитоб қилади:

43. Енглар ва ичинглар, ош бўлсин. Қилган амалларингиз сабабидандир.
Яъни, бу дунёдаги иймонингиз, тақвонгиз ва амали солиҳингиз мукофоти ўлароқ мазкур нарсаларни енглар, ичинглар, енанингиз ош бўлсин! Ўзингизга буюрсин!

44. Албатта, Биз муҳсинларни шундай мукофотлаймиз.
45. Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Келгуси оят бу дунёда динни ва қиёмат кунини ёлғонга чиқарувчиларга қарата қилинган нидодир:

46. Енглар ва мазза қилинглар, озгинагина. Албатта, сизлар гуноҳкорсизлар.
Яъни, эй динни ва қиёмат кунини ёлғонга чиқарувчилар, бу беш кунлилик дунёда еб-ичиб, мазза қиласиз. Албатта, у айшу ишратлар бир пастда ўтиб кетади, гуноҳкор бўлганингиз қолади. Унинг учун эса охиратда муқаррар жавоб берасиз.

47. Ўшал кунда ёлғонга чиқавурчиларга вайл бўлсин!
48. Ва агар уларга рукуъ қилинглар дейилса, рукуъ қилмаслар.
Бу оят сиз билан биз яшаётган жамиятимиздаги ҳақиқий ҳолатни олдиндан башорат қиляпти. Бу ҳам Аллоҳнинг илмига хос хислатдур. Қани, қўни-қўшнингизга, ёру-биродарларингизга бенамоз юрманг, Аллоҳга ибодат илинг деб, кўринг-чи. Аввало маломатга қоласиз. Сизни ҳаётдан орқада қолган ҳисоблашади. Кейин қанчалик гапирманг, бари бир, ўз билганларидан қолишмайди ва намоз ўқишмайди.
Яъни, уларга, намоз ўқинглар, деб айтилса, ўқимайдилар.

49. Ўшал кунда ёлғонга чиқарувчилварга вайл бўлсин!
50. Бас, ундан кейин, қайси сўзга ишонадилар?!


Орқага Олдинга