loader

094. Шарҳ сураси

Маккада нозил бўлган. 8 оятдан иборат.
Бу сураи карима «Шарҳ», «Алам нашроҳ» ва «Иншироҳ» номлари билан аталади. Ҳаммаси ҳам суранинг биринчи оятдаги «Алам нашроҳ» таъбиридан олинган. «Шарҳ» сўзи кенгайтириш маъносини билдириб, бу оятда ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини кенг қилиб қўйгани ҳақида сўз кетади.
«Шарҳ» сурасининг бошида Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган улуғ неъматлар: У зотнинг кўксиларини кенг қилиб қўйиш, гуноҳлардан пок қилиб қўйиш кабилар ҳақида сўз кетади. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомлари бу дунё ва охиратда юқори кўтариб қўйилгани ҳақида гапирилади.
Кейин эса даъват йўлида тортилаётган машаққатлар ҳам эсга олиниб, осонлик яқинлиги ҳақида башорат берилади.
Ниҳоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг динига даъват қилишдан фориғ бўлган вақтларда ибодатга қаттиқ берилиш ҳақида тавсия қилинади.
«Шарҳ» сураси, «Зуҳо» сурасидан сўнг нозил бўлган ва худди унинг узвий давомига ўхшайди. Бу сура ҳам аввалгисига ўхшаб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламниг ўзларига хос бўлиб, у зотга Аллоҳнинг иноятидан, риоясидан хабар беради, тезда енгиллик, хурсандчилик бўлишининг башоратини беради.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Сенинг кўксингни кенг қилиб қўймадикми?
Яъни, Аллоҳ Ўзининг инояти билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини кенг қилдики, у зот кўксиларига Пайғамбарлик, ҳидоят, иймон, ҳикматлар масъулиятини сиғдира олдилар.

2. Ва сенинг юкингни енгиллатмадикми?
3. Елкангни босиб турган(юк)ни.
Бу юк, Ислом даъвати юки эди.Аллоҳ таоло кишилар қалбини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мойил қилиб, у зотни эса одамларни ҳидоятга бошлашга муваффақ қилиб юкни енгиллаштирди.

4. Ва сенинг зикрингни юқори кўтармадикми?
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрини Аллоҳ юқори кўтариши у зотни элчи қилиб ихтиёр қилишда, шаҳодат, азон, такбир, ташаҳҳудда ва Қуръони Каримнинг бир қатор оятларида Ўзининг номига қўшиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларини ҳамда зикрини жорий қилишда ва бошқа кўплаб ишларда намоён бўлади.

5. Бас, албатта бир қийинчилик билан осончилик бордир.
6. Албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир.
Араб тили қоидасига биноан бир (алиф ломи) бор сўз (ал-усру) икки марта такрорланса, бир нарсани ифода этар экан. Аммо «алиф-ломи» йўқ сўз икки марта такрор бўлса, (юсрон) алоҳида икки нарсани ифода этар экан.
Шу қоидадан келиб чиқиб, юқоридаги икки оятнинг умумий маъноси «бир қийинчиликдан сўнг икки осончилик бор»,–дегани бўлади. Бу маънода кўпгина ҳадиси шарифлар ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси мўмин кишини сабрли, қаноатли бўлишга чақиради. Қийинчилик пайтида ўзини йўқотиб қўймаслик, балки сабр билан ҳаракат қилишга ва Аллоҳдан енгиллик кутишга ундайди.
Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда Ўз Пайғамбарига берган неъматларини эслатиб бўлиб, энди шукр этишга, ибодат учун ҳаракат қилишга ва фақат Аллоҳнинг Ўзига рағбат қилишга ундайди.

7. Фориғ бўлсанг, (ибодатга) урингин.
Яъни, халқни динга даъват қилишдан бўш вақтингда, ибодатга қаттиқ ҳаракат қилгин.

8. Ва фақат Роббингга рағбат қилгин.
Роббингдан бошқага рағбат қилишда ҳеч қандай яхшилик йўқдир. Фақат Роббингг рағбат қилиш ила муродга етилур.


Орқага Олдинга