Маккада нозил бўлган, 37 оятдан иборат
“Жосия” сўзи луғатда «тиз чўкувчи» деган маънода, Қуръони каримнинг қирқ бешинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 37 оятли. Сурада сўз асосан имон-эътиқод устида боради. Маккада нозил бўлган ушбу сура мушрикларнинг Ислом даъватини қандай қарши олганларини тасвирлайди. Бошқа маккий суралар каби, бу сурада ҳам ақида масаласига алоҳида эътибор берилади. Аллоҳ таолога ва Унинг ваҳдониятига, Қуръони каримга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, охиратга, қайта тирилишга ва жазо-мукофот берилишига имон ҳақида сўз юритилади. Унда Бани Исроилга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган ноз-неъматлар ва имтиёз-фазилатларга уларнинг ношукрлик қилгани ҳақида ва умуман ҳавойи нафсларини «худо» қилиб олган кимсалар ҳамда уларнинг аянчли оқибатлари хусусида хабар берилади. Қиёмат кунида ҳар бир уммат тиз чўккан ҳолда Аллоҳ таоло тарафидан бўлган ҳукмга кўз тутиб туриши баён этилгани учун сура «Жосия» (тиз чўкувчилар) деб аталган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Ҳа миим.
Қуръони каримдаги бу каби кесик ҳарфларнинг нимани англа-тишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигини билиши ҳақида олдинги суралар тафсирида сўз юритилган.
2. Китобнинг нозил қилиниши қудратли, ҳикматли Аллоҳдандир.
Шундай маънодаги оят Ғофир сурасида ҳам келган (2-оят). Фақат унда Аллоҳ таолонинг ал-Азиз ва ал-Алим сифатлари зикр қилинган бўлса, ушбу оятда ана шу ал-Алим (билимли) сифати ўрнига ал-Ҳаким (ҳикматли) сифати васф этилган. Қуръонда зикри келган буюк илоҳий ҳикмат ва мўъжизалар бу Китобнинг қудратли ва ҳикматли Аллоҳнинг сўзи эканини тўла тасдиқлаб туради.
Қуръонда ўн беш аср олдин хабар қилинган баъзи илмий ҳақиқатларнинг ҳозирги асрга келибгина, илмий-технологик кашфиётлар натижасидагина маълум бўлиши ҳам унинг илоҳий Калом эканига далолатдир. Қуръони карим шундайин мўъжизали каломки, ҳар қандай доҳиёна фикрлар ва башоратлар асрлар ўтгани сайин эскириб, яроқсиз ҳолга келганида Қуръоннинг оятлари, аксинча, вақт силсилаларида жилоланиб, янги оҳанг, янги мазмун касб эта-веради. У шу қадар тубсиз уммон кабики, унинг саҳифаларидан илм-фаннинг барча соҳалари бўйича илмий мўъжизаларни, инсоният заковати қодир бўла оладиган кашфиётлар ҳақидаги башоратларни топа оласиз. Унинг сураларидаги ҳикматлар, ҳайратга солувчи оятлар барча замонлар, жамиятлар учун бирдай ҳақиқат йўлини кўрсатиши, Ер юзидаги ҳаётнинг беадад сир-асрорлари ва турмуш тарзи синоатларини равшан баён этиши, инсонни охират кунининг муқаррарлигидан ва ҳар қандай гуноҳ жазосиз қолмаслигидан огоҳ қилиши билан илоҳий каломдир.
3. Осмонлару Ерда мўминлар учун албатта аломатлар бордир.
Яъни, осмонлар ва Ер ҳамда улар орасидаги нарсаларнинг яратилиши, қатъий бир низом асосида ҳаракатланиши, уларнинг хосса ва сифатлари ҳақида озгина фикр юритган имонли кишилар учун уларда далил-аломатлар бор. Аллоҳ таолони таниш, Унинг яратувчилик қудратию буюк азаматини ҳис этиш учун унча кўп бош қотиришнинг ҳожати йўқ. Сиз бу қат-қат осмонлару, ундаги сайёралар ва ҳисобсиз юлдузларга бир боқинг. Кейин эса нигоҳингизни аста ботаётган Ойу порлаб чиқаётган Қуёшга қаратинг. Хўш, уларни ким яратиб, ким мана шундай аниқ ҳисоб-китоб билан, бирор кунни канда қилмай чиқадиган ва ботадиган қилиб қўйган? Нега улар ақли бўлмаса-да, ҳисобидан адашиб кетмайди, бирининг ўрнига бошқаси чиқиб қолмайди? Бу улкан ва сарҳадсиз коинотни ким бунчалик мукаммал ва собит ҳолда яратган ва уни низоми асосида бошқаради? Имонли кишилар мана шундай саволлар қаршисида довдираб қолмаслик учун Парвардигорларини яхши танишлари, У яратган мавжудотлар ҳақида тафаккур қилишлари, ана шу нарсаларнинг ягона яратувчиси ва бошқариб турувчиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига имон келтиришлари лозим.
4. Яна яратилишингизда ва тарқатиб қўйган жониворларда ишонувчилар учун аломатлар бордир.
Инсоннинг яратилишида ҳам, Аллоҳ таоло Ер юзига тарқатиб қўйган беҳисоб ва турфа жониворларда ҳам Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, Унинг буюк яратувчилик қудратига, тадбиру санъатига далолат қилувчи сон-саноқсиз белги-аломатлар бордир. Инсон барча мавжудотлар ичида ўзининг Парвардигорига яқинлигини сезади. У ўзини энг яхши суратда, кўркам шаклда яратилганини тушунади. Инсон ички ва ташқи аъзоларидан ҳар бирининг ўзига хос вазифани ўташ учун яратилганини, модомики, у ҳаёт бўлса, улар ўз вазифаларини ўрнига қўйишларини англайди. Шу тарзда инсон ўзини яратган Холиқ ҳақида ишонч ва илмга эга бўлади. Инсон ўзига берилган ақл, ирода, туйғу ва виждони орқали буларга эришади. Ўзини яратган Холиқнинг сифатларини ахтара бошлайди, Уни кўпроқ билишга ҳаракат қилади, имони бақувват бўлиб, ҳидоят топганлар қаторига қўшилади.
Чунки мавжудотларда, жумладан инсонда Аллоҳнинг сифатлари намоён бўладиган сезгилар бор, фикр эгалари учун Унинг белгиларини юзага чиқарадиган кўринишлар мавжуд. Бу ҳақда сўфийлар: «Ким ўзини таниса, Парвардигорини ҳам танийди», дейишган. Уларнинг бу сўзларига қуйидаги ояти карима ва ҳадиси қудсий асос бўлган: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим» (Ваз-зориёт, 56); «Мен махфий хазина эдим. Танилмоқни истадим ва махлуқотларни яратдим» (Ҳадиси қудсий). Инсонга ўз Парвардигорини табиатдаги далиллар, махлуқотлар гувоҳлиги, хусусан, ўзига энг яқин бўлган ўз нафси орқали танишнинг тўла имкони бор. Ушбу дунёнинг «олам» деб номланиши ҳам у орқали Аллоҳни таниш учундир. Инсон эса митти оламдир. Чунки ундаги сонсиз-саноқсиз ажойиб ва табиий ғаройиб хислатлар инсонга Аллоҳнинг зоти ва сифатини билишда ёрдам беради.
5. Ва кеча-кундузнинг алмашиб туришида, Аллоҳ осмондан ризқ тушириб, у билан “ўлик” ерни тирилтиришида ва шамолларнинг йўналишида ақл юритадиганлар учун аломатлар бордир.
Ушбу ояти карима инсонлар ақли ва диққатини Аллоҳ таоло яратган мўъжиза ва аломатлардан бир нечасига қаратмоқда: инсон ҳар куни уйқудан кўз очиб, ушбу оламнинг ёришаётганини, яъни кундузга кириб бораётганини кўради. Кечқурун эса кундузнинг ўз ўрнини тунга бўшатиб бераётганига гувоҳ бўлади. Миллион йиллардан бери сира ўзгармай давом этиб келаётган бу жараённи ким амалга оширмоқда? Бунга Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот асло қодир эмас!
Ёки осмондан инсонлар ва бошқа жонзотларнинг ризқи манбаи бўлмиш ёмғир-қорни ёғдириб, унинг воситасида қақраб, ўлиб ётган ерларни тирилтирадиган Зот ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир! Ёгин ёғдирувчи, булутларни ҳайдаб келувчи, шамолларнинг йўналишини ўзгартириб, Ўзи истаган томонга буриб юборувчи Зот ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир!
Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида Парвардигор осмондан ризқ манбаи бўлган сув (қор-ёмғир) туширганининг зикри келади. Қуръонда зикр этилган фойдали, ўлчовли ёмғирни бирорта олим ёки бошқа шахс бизга осмондан тушириб бера олмайди. Шунингдек, осмондан ўлчов билан сув тушириш, уни ерда тақсимлаб-жойлаштириш ҳам Аллоҳ таолонинг ишидир. Мана шулар ҳақида тафаккур қилган, Аллоҳнинг неъматлари ва мўъжизаларидан ибратланган ҳар бир инсон сўзсиз имонга келиши керак. Сувни туширган Зот уни кетказиб, йўқ қилиб юборишга ҳам қодирдир. Аллоҳтаоло сувни кетказишига далил сифатида баъзан маълум жойларни сувдан бебаҳра қилиб қўяди. Ўша ерда қурғоқчилик бўлиб, ҳамма нарса ҳалокатга юз тутади. Ана шу қурғоқчилик ҳодисалари ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилади.
Мана шу аломатларни кўриб, фикр юритган, ибрат олган ҳар бир инсон қудрат ва ҳикмат эгаси бўлмиш Аллоҳга албатта имон келтириши керак. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бу улуғ борлиқда Ўзи яратган нарсалардан, осмонлару Ер, инсон ва бошқа маҳлуқотлар, наботот ва жамодотлардан баъзиларини зикр қилиб, уларни қандай яратганини, собит бир низом билан тадбир қилганини баён этади. Шунингдек, У яратган бир неча неъматларини ҳам санаб ўтади.
Аллоҳтаоло ўз китобидаги бу оятлар билан бандаларининг қалбини ларзага солди, уларнинг виждонларини уйғотди, табиий ҳислари-ни қўзғатди. Токи, улар Аллоҳнинг махлуқотлари ҳақида фикр юритсинлар, унинг беҳисоб неъматларини эсласинлар. Ана шунда инсон ўз табиати ва соғлом ақли орқали Аллоҳ таолонинг борлигига, ягоналигига имон келтиради ҳамда унинг ибодатини ўзига лозим топади. Ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳар бир ҳодисада ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига, куч-қувватига, холиқлигига, тадбирига далолат қилувчи кўпдан-кўп белгилар бор. Бу белгиларни англаш учун уларга ибрат кўзи билан назар солиш, уларни эътибор бериб, диққат билан ўрганиш лозим. Худди шунга ўхшаш Қуръон оятлари аввалги мусулмонларни борлиқдаги ҳар бир нарсани чуқур ўрганишга чорлаган. Бу чорловга «лаббай» деб жавоб берган мусулмонлар дунёдаги кўплаб табиий илмларга асос солдилар. Барча илмларнинг ривожига ҳисса қўшдилар ҳамда дунёнинг етакчи халқига айландилар. Чунки ўша олдинги мусулмонлар Қуръони карим руҳидан келиб чиқиб, борлиқни фақат назарий жиҳатдан ўрганиб қолмай, ўрганган нарсаларини амалда татбиқ ҳам қилдилар. Аллоҳ борлиқда жорий қилиб қўйган қоидаларни ўз фойдаларига ишлатишга уриндилар. Натижада улкан муваффақиятларга эришдилар.
6. (Эй Муҳаммад), булар Аллоҳнинг оятларидир, уларни сизга ҳаққоний тиловат қиляпмиз. Улар Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб, қайси сўзга имон келтиришяпти ўзи?!
Яъни, “Эй Муҳаммад, булар - қудратли ва ҳикматли Зот нозил қилган Китоб бўлмиш Қуръоннинг оятларидир. Уларни сизга ҳақ билан, аниқ, хатосиз ва мукаммал тарзда тиловат қилиб берамиз. Шунинг учун ваҳийларимизни эшитган бандаларим уларга имон келтиришлари, буларни ўзларининг ҳаёт дастурлари қилиб олишлари лозим. Аммо қавмларингиздан бир қанчаси Қуръон оятларини ёлғонга чиқариб, инкор этишяпти, уларга амал қилиш ўрнига куфр келтиришяпти. Уларга Аллоҳнинг Каломидан ҳам муҳимроқ, бундан-да эътиборлироқ ва ишончлироқ сўз бормидики, оятларимиз ўрнига уларга имон келтиришса?!”
7. Ҳар қандай бўҳтончи ва гуноҳкорнинг ҳолига вой бўлсин!
Аллоҳ таолонинг ёлғончи-каззоб, одамларга туҳмат-бўҳтон қилувчи ва гуноҳдан тийилмайдиган кимсаларга қилаётган бу таҳдиди ушбу ёмонликларнинг Аллоҳ наздида нақадар қораланишини билдириб турибди. Бундай кимсаларнинг ҳолига вой бўлсин, чунки тавба қилмай ўтишса, охиратда улар дўзахдаги қаттиқ азоблар, абадий қийноқлар, Парвардигорнинг ғазаби ва лаънатига гирифтор бўлишади.
8. Ўзига тиловат қилинаётган Аллоҳ оятларини эшитади-ю, сўнгра худди эшитмагандек, мутакаббирлик қилиб туриб олади. Шунда (эй Муҳаммад), унга аламли азоб «хушхабар»ини беринг.
Сийрат китобларида зикр қилинишича, Маккада Назр ибн Ҳорис ибн Алқама ибн Қалада ибн Абдуманоф ибн Абдуддор ибн Қусай исмли бир киши бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор мажлисда Аллоҳга имон келтиришга чақириб, Қуръон тиловат қилсалар, қурайшликларни олдинги қавмлар бошига тушган бало-офатлардан огоҳлантирсалар, кетганларидан кейин Назр у зотнинг ўринларига келиб ўтирар, одамларга паҳлавон Рустам, Исфандиёр ва Форс подшоҳларидан гапириб берар эди. Сўнгра у “Аллоҳга қасамки, Муҳаммад менчалик чиройли гапира олмайди, унинг сўзлари худди менга ўхшаб тўқиб чиқарган олдингиларнинг афсоналаридир”, дейди. Шунда унинг ҳақида юқоридаги оят нозил бўлди.
9. Оятларимиздан бирор нарсани билганида уни эрмак қилади. Ана ўшаларга хорловчи азоб бордир.
Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, Қуръони мажидни ўқиб ва эшитиб таъсирланмаган, маъноларига эътибор бериб, амрларини бажармаган, қайтариқларидан четланмаган мутакаббир кимсаларнинг оқибати нақадар аянчли ва хатарлидир. Улар Аллоҳнинг Каломини масхара қилганлари, уларга эътиборсизлик ва ишончсизлик кўрсатганлари учун қиёматда ўта аламли, қаттиқ жазоларга гирифтор бўлишади. Бундай гумроҳ кимсалар олдин Аллоҳнинг оятларини эшитмагандек бўлиб юради. Мабодо, Аллоҳнинг оятларидан бирор нарсани билиб олса ҳам уни эрмак қилиб, устидан кулади. Аллоҳнинг ояти эканини била туриб, уни масхара қилиш, унинг устидан кулиш, ундан ўзини ғолиб санаш, писанд қилмаслик жуда ҳам катта гуноҳдир. Афсуски, кўпчилик, ҳатто ўзини мусулмон ҳисоблаб юрганлар ҳам баъзан шундай қилишади ва хорловчи азобга учрашади.
10. Улар ортида дўзах бор. Уларга топганлари ҳам, Аллоҳни қўйиб, тутган «дўст»лари ҳам бирор нарсада асқатмайди. Уларга улкан азоб бордир.
“Ортида” деб таржима қилинган “вара” сўзи инсондан пинҳон тутилган нарсани англатади, у ҳатто ўша нарсанинг олдида ёки ор-тида эканини ҳам била олмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам Аллоҳнинг оятларини инкор этувчилар дўзахга тушади: аввало, улар тўғри йўлдан адашгани учун олдида дўзах борлигини ва унга албатта ту-шишини билмайди; иккинчи ҳолатда эса улар залолатга шунчалар ботганки, охират ҳақида ўйлай ҳам олмайди ва ортидан дўзах писиб келаётганини сезмайди ҳам.
11. Бу (Қуръон) ҳидоятдир. Парвардигорлари оятларига куфр келтирганларга аламли уқубат азоби бордир.
Аллоҳнинг муборак Каломи, инсоният учун икки дунё саодатини қўлга киритишда энг ишончли дастур бўлган Қуръони каримни ёлғонга чиқариш учун ҳаракат қилганлар, куч-ғайрат сарфлаганларга қиёматда жуда қаттиқ азоб берилади. Агар қиёмат бўлмаганида бу дунёда кофирликда юриб, бу ҳам етмагандай одамларни Аллоҳнинг оятларидан, Унинг динидан тўсиб ўтганлар муносиб жазоларини олмай, қутулиб кетган бўлишар ва бу дунёдаги энг катта адолатсизликка сабаб бўлар эди. Қиёмат қойим бўлиши ҳақидаги турлича гаплар одамларнинг у ҳақдаги хабарга муносабатларидан келиб чиққан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотга туширилган ваҳийга ишонганлар қиёматга ҳам ишонишади, у зотга ва илоҳий ваҳийга ишонмаганлар эса қиёматнинг яқинлигига ва унинг келишига ҳам ишонмайдилар. Шунингучун ҳам улар Қуръони каримнинг ҳидоят маёғи эканига ҳам имон келтирмайдилар.
12. Аллоҳ амри билан кемаларнинг сузиши ҳамда Унинг фазлидан исташингиз ва шукр қилишингиз учун сизларга денгизни бўйсундириб қўйди.
Аллоҳ таолонинг инсонларга берган неъматларини санаб, адоғига етиб бўлмайди. Биргина денгизларда бехавотир сузиб юрган кемаларни олайлик: Агар Аллоҳ уларни сувда чўкмайдиган қилиб қўймаганида, уларни бешикаст юришига имконият яратиб қўймаганида, уни юрдириш учун шамолларни эсдириб ёки ёнилғи манбаларини топиб бермаганида инсон қандай аҳволга тушган бўларди? Аллоҳ берган имкониятлар доирасида инсон ана шу беминнат хизмат қилувчи кемаларда юкларини ташийди. Ўзининг узоғини яқин қилиб, манзилига тезда етиб олади. Аллоҳнинг фазлини, яъни ризқ манбаларини ахтариб ҳаёт кечиради, Бунинг учун эса ана шу неъматларни ато этган Парвардигорига имон келтириши, Унга шукр айтиши зарур бўлади. Инсонлар бу беминнат неъматларнинг кўпи ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Ваҳоланки, Аллоҳ инсонга ақл берди: ақли билан бу неъматни танисин, деди. Пайғамбарлар юборди: улар одамларга Аллоҳнинг беминнат неъматларини танитиб, шукр қилишга чақирдилар. Китоблар нозил қилди: улар ҳам одамларга мазкур неъматларни баён этди. Мана, илоҳий китобларнинг охиргиси бўлмиш Қуръони карим ҳам инсонларни Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишга даъват этиб турибди.
13. У сизларга Ўз томонидан осмонлардаги ва Ердаги ҳам-ма нарсани бўйсундирди. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун албатта аломатлар бордир.
Аллоҳ таоло инсонларга осмонлардаги ва Ердаги ҳамма нарсани бўйсундириб қўйган, ҳамма нарса унинг фойдасига хизмат қилади. Бу ҳақиқатни Аллоҳнинг буюк яратувчилик қудрати ва ҳикмати ҳақида фикр юритадиган қавмларгина тушуниб етишади, уларгина бунга далолат қиладиган аломат-мўъжизалардан ибрат олишади. Инсон Аллоҳ таоло яратган нарсаларнинг гултожи бўлгани учун У Зот осмонлардаги ва Ердаги ҳамма нарсаларни одамларнинг яшаш эҳтиёжлари учун керакли ва фойдали қилиб яратган. Одамлар эътиқод қилиш, фикрлаш, таълим олиш, касб-ҳунар ёки иш билан шуғулланиш, мулкка эгалик қилиш, ҳур-озод яшаш каби ҳуқуқларга эгадирлар. Уларнинг бу инсоний ҳақлари Қуръони карим ҳукми билан мустаҳкамлаб қўйилган. Ислом шариатининг мақсади динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборат. Аслида ҳам бугунги кунда кўтарилаётган инсон ҳуқуқлари масалалари ҳам шу беш муҳим нарса - дин, жон, ақл, насл ва молни асрашга қаратилган. Ислом дини одамларни бирор нарсага буюрган бўлса, шу беш нарсани асраш учун буюргандир, бирор нарсадан қайтарган бўлса, шу беш нарсани ҳимоя қилиш учун қайтаргандир.
14. (Эй Муҳаммад), имон келтирганларга айтинг, Аллоҳнинг кунларидан ноумид кимсаларни кечириб юборишсин. Шунда У Зот қавмни қилиб юрган ишлари учун мукофотлагай.
Яъни, эй Муҳаммад, мўминларга айтингки, улар ўзларига озор берган, Аллоҳнинг қиёматдаги ҳисоб-китоб кунларидан ноумид бўлган кофирларни кечириб юборишсин. Бу эса Аллоҳ таоло ўша мусулмон қавмни яхши ишларига кўра мукофотлаши учундир. Чунки ҳар ким нима қилса, ўзи учун қилади, ҳеч кимнинг амали мукофотланмай ёки жазоланмай қолмайди.
Атонинг ривоятида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Бу оятда Аллоҳ таоло Умар ибн Хаттобни хоссатан назарда тутган. “Аллоҳнинг кунларидан ноумид кимса”дан мурод эса Абдуллоҳ ибн Убайдир. Улар Бани Мусталақ ғазотида Марисиъ деган қудуқ бўйида тушдилар. Абдуллоҳ ибн Убай хизматчисини сув келтириш учун жўнатди. У кечикиб келди. Абдуллоҳ: “Нима учун кечикдинг?” деди. Хизматкор: “Умарнинг хизматкори қудуқ бўйида ўтириб олиб, то Пайғамбарнинг меши, Абу Бакрнинг меши ва хожаси Умарнинг меши тўлмагунича ҳеч кимни сув олишга қўймади”, деди. Шунда Абдуллоҳ: “Итингни семиртирсанг, ўзингни қопади”, деди. Унинг бу сўзи Умарга етиб борди. У қиличини яланғочлаб, Абдуллоҳ ибн Убай томон йўналди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Аллоҳга қарзи ҳасана берадиган ким бор» ояти нозил бўлганида Фанхос исмли мадиналик яҳудий: “Муҳаммаднинг Парвардигори муҳтож бўлиб қолибди”, деди. Буни Умар эшитгач, қиличини яланғочлаб уни қидириб чиқди. Шунда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб шундай деди: “Парвардигорингиз: “Имон келтирганларга айтинг, Аллоҳнинг кунларидан ноумид кимсаларни кечириб юборишсин”, деди. Билиб қўйинг, Умар қилич яланғочлаб яҳудийни қидириб чиқиб кетди”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умарни қидиртириб одам жўнатдилар. У киши келгач: “Эй Умар, қиличингни қинига солиб қўй”, дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, рост айтдингиз. Гувоҳлик бераманки, сиз ҳақ билан юборилгансиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббинг айтдики...” деб, юқоридаги оятни ўқиб бердилар. Шунда ҳазрати Умар: “Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, шак-шубҳасиз (бўйсундик). Ва юзимда ғазаб ҳам кўринмайди”, деди”.
15. Ким яхшилик қилса, ўзига фойдадир. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарардир. Сўнгра Парвардигорингизга қайтариласизлар.
Қиёмат куни барча бандалар ҳисобга тортилиш учун Парвардигорлари ҳузурига қайтариладилар. Ўша кунда уларнинг ҳар бир амаллари ҳисобга тортилади. Зарра миқдоридаги яхшилик ҳам, энг арзимас ёмонлик ҳам аниқ ҳисоб-китоб қилиниб, яхшиликларга мукофот, ёмонликларга жазо берилади. Ҳақиқий комил инсон ёмон хислатлардан, номаъқул ва номарғуб хулқ-атвордан пок бўлади. Гўзал сифат ва ахлоқ билан ўзини ораста қилади, ёмонлардан четланади ва ҳеч кимга озор етказмайди. Ким қилган яхшилиги ёки амали билан мақтанса, унинг барча яхшиликлари ёмонликка айланади. Ҳусайн Воиз Кошифий айтадики, «Гўзал феъл-атворнинг нишонаси ўнтадир ва буларнинг биринчиси бошқаларга яхшилик қилишдир». Яхшилик қилиш билан ҳеч нарса ютқазмайсиз. Саъдий Шерозий айтганидай, «Бир шам бошқа бир шамни ёққани билан нуридан ҳеч нарса камаймайди». Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай деганлар: «Яхшилик ҳақида ўйлаш ўша яхшиликни қилишга ундайди, ёмонликка надомат эса ўша ёмонликни тарк этишга чақиради».
16. Дарҳақиқат, Бани Исроилга китобни, ҳикмат ва пайғамбарликни бердик, уларни покиза нарсалар билан ризқлантир-дик ва уларни оламлар узра афзал қилдик.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Бани Исроилга, яъни Исроил авлодидан бўлмиш яҳудийларга самовий китоби Тавротни берган ва шу китоб ҳукми асосида яшашга буюрган. Сўнгра Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Таврот ва берилган шариатни давом эттириш учун Бани Исроилдан кетма-кет пайғамбарларни чиқарди. Муқаддас заминда яшаган Бани Исроилга Аллоҳ таоло покиза, ҳалол нарсалардан кенгу мўл ризқ қилиб берди. Қавмнинг истагига кўра, уларга осмондан пиширилган парранда гўшти (манна) ва ширинлик (салва) тушириб берди. Ана шу неъматлар устига Аллоҳ таоло уларни бутун оламлар узра афзал қилиб қўйди, яъни Исмоил ва Муҳаммад алайҳиссаломдан ташқари деярли барча пайғамбарлар Бани Исроил қавмидан танлаб олинган.
17. Яна уларга (дин) иши ҳужжатларини ато этдик. Шунда улар илм келганидан сўнгўзаро ҳасад-адоват сабабли ихтилофга тушишди. Албатта, Парвардигорингиз қиёмат куни ўрталарида ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ҳукм чиқаради.
Аллоҳ таолонинг Бани Исроилга юборган дин иши, яъни шариати очиқ-ойдин, равшан, ғуборсиз, ҳеч бир ихтилофсиз, ҳамма амал этиб кетаверадиган ҳужжатлар билан юборилган эди. Аммо Бани Исроил ўша шариатга иттифоқ бўлиб амал қилмади. Ана шу илм келганидан кейин ҳам ўзаро ҳасад-адоватга бориб, ихтилофга, баҳс-тортишувларга тушди. Бу ихтилоф қавм бошига асло кутилмаган бало-офатларни олиб келди: уларнинг Ер юзидаги афзалликлари тугади, бошқалардан устунликлари барбод бўлди. Шу тариқа Бани Исроилнинг золимлиги ва ихтилофи туфайли улар ичидан пайғамбар чиқариш ва уларга шариат юбориш тўхтади.
Бу оятларда очиқ-ойдин баён қилиняптики, инсонлар бир-бирлари билан билимсизликлари ёки ҳақиқатни билмаганлари учун ихтилофга бормайдилар, балки улардаги талашиб-тортишишларнинг сабаби - ўзаро ҳасад ва адоватдир. Ҳақиқатни билиш унга ишониш ва уни сақлаш, дегани эмас. Фойдали илм (илми нофеъ) шундай нарсаки, у ботил хислатларни тарк этиб, ҳақиқат йўлида курашишга доимо тайёр бўладиган мухлис қалблардан отилиб чиқадиган илмдир. Илм ёмғир кабидир, зеро, ёмғирни фақат тоза ва пок ергина қабул қилади. Шу каби илмдан фақат соф вужуд, пок қалб, ростгўй тил эгалари фойдалана оладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисларида шундай деганлар: “Илм икки хилдир: қалбдаги илм - илми нофеъдир. Тилдаги илм эса Аллоҳтаолонинг Одам болаларига ато этган ҳужжатидир”. Демак, одамлар орасида содир бўладиган тортишув ва ихтилофлар кўпинча мавзу-моҳиятни, воқеъликни атрофлича ўрганмаслик ва тушунмасликдан келиб чиқади. Ёки самарасиз тақлиддан ё таассубга берилиш, ҳою ҳавас кетидан қувиб шахсий манфаатларга қул бўлиш, фахрланиш ва обрў-шуҳрат-парстликни яхши кўриш ёки тушунмай-фаҳмламай бошқаларга кўр-кўрона эргашиб кетиш, хатоларни яшириш каби номақбул сабаблардан келиб чиқади.
18. Сўнгра (эй Муҳаммад), сизни (дин) ишида бир шариатга йўлладик. Энди ўшанга эргашинг, билмайдиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг.
Аллоҳ таоло охирзамон Пайғамбарига хитоб қиляптики, Бани Исроил ўзига юборилган шариатга амал қилмай, ихтилоф ва тортишувларга берилиб кетди. Шундан кейин сизга қиёматгача ҳукмда бўладиган Ислом шариатини юбордик, яъни, сизни Ислом шариатига йўлладик. Энди ўшанга эргашинг, билмайдиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг. Ислом динининг ҳукмлар тўплами, Аллоҳ таолонинг амр ва тақиқлари «шариат» дейилади. Пайғамбарлар даъват этган дин асосда бир бўлсада, улар етказган ҳукмлар, яъни шариатлар турличадир. Шунингучун кейин келган пайғамбар даврида аввалда ўтган пайғамбар етказган ҳукмлар (шариат) бекор бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом охирги пайғамбар бўлганлари учун аввалда ўтган барча пайғамбарларнинг ҳукмлари (шариатлари) бекор бўлган. Пайғамбаримиз етказган ҳукмлар, яъни Ислом шариати қиёматгача боқийдир. Инсонлар манфаатини таъминлаш ва уни ҳимоя қилиш шариатнинг асосий мақсадидир. «Шаръий аҳком» - Аллоҳнинг Ўз бандаларига буюрган ё қайтарган ёки ихтиёр этган қатъий кўрсатмаларидир.
19. Чунки улар Аллоҳдан бўлувчи нарсани сиздан қайтара олишмайди. Золимлар бир-бирларига албатта дўстдирлар. Аллоҳ эса тақводорларнинг дўстидир.
Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қиляптики, эй Пайғамбарим, ўша ҳеч нарсани билмайдиган, ғайбнинг ҳикматидан бехабар кимсалар Аллоҳ таоло тарафидан келувчи нарсани сиздан асло қайтара олишмайди. Ўша жоҳил, ўз ҳавойи нафсининг йўлига бошлайдиганларнинг гапига кириб, Аллоҳнинг айтганидан юз ўгирсангиз, улар бирлашиб ҳам сиздан Аллоҳнинг бирор азобини арита олишмайди. Шунинг учун сиз уларнинг айтганига зинҳор юрманг, уларга яқинлашманг ҳам. Ўша золимлар бир-бирларини дўст тутиб, қўллаб-қувватлашади, Аллоҳ таоло эса Ўзидан қўрқадиган тақводор зотларнинг дўсти ва ҳомийсидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳнинг шариатига риоя қилгин! Шунда Аллоҳ сени (динда адашиш, оила ҳамда молу мулкда хато қилишдан) асрагай. Аллоҳни шариатига риоя қилгин! Шунда сен У зотни қаршингда (сени ҳар турли ёмонликдан сақлаганини ва барча яхшиликларга бошлаганини) топгайсан. Агар (ҳожатинг битишини) сўрасанг, фақат Аллоҳдан сўра! Агар ёрдам сўрасанг, фақат Аллоҳдан ёрдам тила! Шуни аниқ билгинки, агар бутун уммат бирлашиб, сенга фойда келтирмоқчи бўлса, Аллоҳ сенга насиб қилган нарсанигина наф келтира олгайлар. Ёки улар бирлашиб, сенга бирор зарар бермоқчи бўлсалар ҳам, фақатгина Аллоҳ пешонангга битган зарарнигина етказа оладилар. (Банданинг тақдирини битишдан) қаламлар бўшаб, (тақдирлар битилган) саҳифалар (даги сиёҳлар) ҳам куриб бўлган” (Термизий ривоят қилган ва “ҳасан” деган.
20. Бу одамлар учун кўз очувчидир, аниқ ишонадиганлар учун ҳидоят ва раҳматдир.
Ислом динининг асосий манбаси бўлмиш Қуръони карим Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган, у зотга эргашувчи мусулмонлар томонидан тўлалигича илоҳий мўъжиз калом деб эътиқод қилинадиган Китобдир. Ушбу Китоб инсонларнинг кўзини очиб, уларни улуғ бир ҳисоб кунидан огоҳлантирадиган, Аллоҳнинг ҳидоят йўлини топиш ва Унинг раҳматига эришиш учун нималар қилиш кераклигини ўргатадиган ёрқин маёқдир. Мусулмонлар ушбу Қуръон бутун башарият учун энг тўғри йўлни кўрсатиб берувчи китоб, деб имон келтиришади. Қуръон келтирган хабарлар, йўлланмалар барча замонлар учун тааллуқли деб эътиқод қилинди. Қуръон - бу Аллоҳ инсониятга юборган диний таълимотларнинг охирги ва якунловчи қисмидир, мўъжизалар мўъжизасидир ва инсоният учун раҳмат этиб нозил қилингандир. Ким Қуръонга ишонса, унинг қалб кўзи кўра бошлайди. Қуръондан узоқлашган кишининг эса қалб кўзи кўр бўлади. Қуръони карим асл ҳидоятдир. Ким унга амал этса, ҳидоятга келади, Қуръондан узоқлашган эса залолатга кетади. Қуръони карим Аллоҳнинг раҳматига бир василадир, ким унга имон келтириб, амал қилса, раҳматга эришади. Ундан узоқлашган одам эса Аллоҳнинг раҳматидан бебаҳра қолади.
21. Ёмонлик қилганлар уларни имон келтириб, солиҳ амал қилганлар билан тенг қилишимизни, ҳаётлари ҳам, ўлимлари ҳам баробар бўлишини ўйлашгандир? Уларнинг қилган ҳукми қандай ҳам ёмон!
Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали кофир ва итоатсиз кимсаларнинг хаёлидан ўтадиган шубҳа-гумонларни инкор қилмоқда. Бундай кимсалар имон келтирган, дунё ҳаётида солиҳ-яхши ишларни қилиб ўтган мўминлар билан ўзларини тенглашга ҳар қанча уринмасинлар, Аллоҳ азза ва жалланинг наздида асло тенг бўлишмайди. Яхшилик ва ёмонлик, ҳидоят ва залолат, имон ва куфр асло тенг бўлмайди. Мўмин ва кофирларнинг ҳаёт кечириш-лари ҳам, ўлим топишлари ҳам бир-биридан кескин фарқланади. Шунинг учун кофир ва осийлар «Бизларнинг мўминлардан қаеримиз кам» ҳар қанча иддао қилсалар ҳам, ўзларини уларга ўхшатишга уринишса ҳам, хато фикрлаган бўлишади. Аллоҳ таоло барибир ҳар бир инсоннинг имони ва қилмишларига қараб мукофотлайди ёки жазолайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Амаллар уч хилдир: тўғрилиги сизларга аниқ бўлган амал, уни бажаринг; хатолиги сизга аниқ бўлган амал, ундан узоқ бўлинг; тортишувли амал, уни билганга ҳавола қилинг” (Табарий ривояти).
22. Аллоҳ осмонлару Ерни ҳақ билан яратди ва барча жон қилмишларига яраша, зулм қилинмаган ҳолда жазо-мукофот олишади.
Аллоҳ таоло барча инсонларни Ўзи яратган, демак, қиёмат куни ҳамманинг Унинг ҳузурига қайтиши бор. Аллоҳнинг бу ваъдаси ҳаққиростдир, бандаларининг амаллари учун мукофот ёки жазо беришга фақат Унинг Ўзи ҳақлидир. Яхши амал қилган ва имон келтирган инсонларни охират дунёсида улкан мукофотлар (Аллоҳ розилиги ва жаннат) кутаётган бўлса, кофирлар учун Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига куфр келтиришгани сабабидан ташналигини қондиришга қайноқ сув ва аламли азоблар тайёрлаб қўйилган. Агар кофирлар гумон қилганидек, улар билан мўминлар баробар бўлсалар, осмонлару Ерни Аллоҳтаоло беҳудага яратган бўлиб қолмайдими? Ҳар ким амалига яраша жазо ёки мукофотини олмаса - кофир куфри ва зулмига яраша жазосини олмаса, мўмин имони ва солиҳ амалларига яраша мукофотини олмаса, зулм бўлиб қолмайдими?
23. (Эй Муҳаммад), ҳавойи нафсини ўзига “илоҳ” қилиб олган, Аллоҳ уни билган ҳолда адаштирган, қулоги ва қалбини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрмайсизми? Уни Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила олади?! Эслатма олмайсизларми?!
Аллоҳтаоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяпти: шундай инсонлар борки, улар ҳавойи нафсларига қул бўлишган, унинг измида юришади. Аллоҳ таоло бундайларнинг гумроҳлигини азалий илми билан олдиндан билгани учун уларни залолат-адашувда қолдиради. Қулоғи ва қалбига муҳр уриб, ҳақни эшитмайдиган ва қабул қилмайдиган, кўзига парда тортиб, атрофидаги илоҳий мўъжизаларни кўрмайдиган қилиб қўяди. Бундай кимсани Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот ҳидоятга бошлай олмайди ҳам.
Инсоннинг ҳавойи нафси унинг энг катта душманидир. Ҳидоят йўлидан адашганларнинг кулфати шундаки, улар ҳавойи нафсларини ўзларига “илоҳ” қилиб олишган, Аллоҳга эмас, ҳавойи нафсларига бўйсунадилар, Аллоҳнинг айтганини қилмай, ҳавойи нафсларининг сўзига юрадилар. Ҳатто ўзларига ўхшаб адашган кимсаларнинг оқибатидан ибрат ҳам олмайдилар, эслатмага ҳам қулоқ солмайдилар. Ҳавойи нафс ана шундай яхшиликдан тўсувчи, ақлга зид нарсадир. Чунки ҳавойи нафс ёмон хулқларни кўпайтириб, шармандали-уятли амалларни юзага чиқаради, мурувват пардасини йиртиб, ёмонликларга йўл очади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “Ҳавойи нафс Аллоҳни қўйиб, ибодат қилинадиган “илоҳ”дир”, деган ва ушбу оятни ўқиган. Алий Ибн Абу Толиб каррамаллоху важҳаҳунинг шундай сўзлари бор: “Сизлар учун икки нарсадан қўрқаман: ҳавойи нафсга эргашиш ва орзу-ҳавасга берилиш. Чунки ҳавойи нафсга эргашиш ҳақдан тўсади, орзу-ҳавасга берилиш эса охиратни унуттиради”.
24. Улар: «Дунёдаги ҳаётимиздан бошқаси йўқ. Ўламиз, яшаб юрамиз, бизларни фақат замон ҳалок қилади», дейишади. Ҳолбуки, уларнинг бу борада илмлари йўқ, улар фақат гумон қилишади, холос.
Аллоҳга имон келтирмайдиган, қиёмат қойим бўлгач, охират ҳаётининг бошланишига ишонмайдиган кофир кимсалар “фақат шу дунёнинг ўзидагина яшаб ўтамиз, ўлгач, тупроққа аралашиб кетамиз ва шу билан бизлар учун ҳаёт тугайди” деб ўйлашади. Бу ояти каримада кофирларнинг ҳаёт ҳақидаги ана шу ботил тушунчалари танқид этилмоқда.
Ўлим соатларини эса ҳар ким ҳар хил кутиб олади. Кимдир ўлимни абадий ҳаётга, Яратганнинг жамолига элтувчи бир йўлак сифатида кўради. Кимдир учун у - дунё лаззатларидан, фаровон-тўкин ҳаётдан бирданига узиб қўювчи даҳшатли фурсат саналади. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир жон ўлим шарбатини тотгувчидир» (Оли Имрон, 185). Ўлим - мўмин-мусулмонлар учун абадий саодатга эл-тувчи бир манзил. Кофир ва мушриклар учун даҳшатли ҳисоб-китоб ва абадий азоб-уқубатнинг бошланиш бекатидир. Аллоҳга, Унинг дини ва Пайғамбарига ишонмайдиган даҳрий кимсалар воқеа-ҳодисаларни замон, вақт, тасодиф, фалак каби нарсаларга нисбат бериб, буларнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ эканини тан олмайдилар ва ўз гумонларини ҳақиқат деб ўйлайдилар. Улар «Бизни фақат даҳр-замон, яъни маълум вақтнинг ўтиши ўлдиради» дейишгани учун “даҳрий” номини олишган. Улар ўлгандан кейин қайта тирилишни ҳам инкор этадилар ва ана шу даҳрийликлари учун қиёматда Аллоҳнинг энг оғир азоби ва жазосига гирифтор бўладилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Одам боласи Менга озор беради: замонни сўкади. Ҳолбуки, замон Менман. Иш Менинг қўлимда. Кеча ва кундузни айлантириб тураман», деди». Ҳадисдаги «Замон Менман» деган жумла «Замоннинг эгаси, айлантирувчиси Менман» деган маънони билдиради. Гапни қисқароқ, балоғатлироқ қилиш учун шундай услуб қўлланган. Ҳадисдаги кейинги жумлалар буни изоҳлайди. Демак, замонни сўкиш, ундан нолиш тўғри бўлмас экан, чунки бу гап бевосита унинг Эгасига нисбатан айтилган ҳисобланар экан.
25.Уларга аниқ оятларимиз тиловат қилинганида: «Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтирингчи!» де-йишдан бошқа ҳужжатлари бўлмайди.
Яъни, барча даврларда бўлгани каби Ислом янги келган пайтларда Макка мушриклари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳисса-лом охират ва ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақидаги оятларни тиловат қилиб берганларида бунга ишонмай, масхара қилишган, шак-шубҳаларга бориб, у зотдан исбот-далил талаб қилишган эди. Мушриклар мусулмонларга “Агар айтаётган гапларингиз рост бўлса,ўлиб кетган ота-боболаримизни тирилтириб келтирингларчи!” деган гапларни ҳам қилишган эди.
Охиратни инкор қилувчи ана шундай кимсалар ўлгандан кейин қайта тирилиш борлиги ҳақидаги очиқ-ойдин оятларни инкор қилишгани билан уларнинг ана шундай сафсаталардан бошқа ҳужжатлари бўлмайди. Ўлгандан кейин қайта тирилишни шубҳа остига олувчи гумроҳ, ўз фойдасини билмаган қавмлар доимо адашишда бўлган. Ҳамиша шайтон васвасасига учиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан чекинишган. Шайтонга мурид бўлганларнинг қулоқларига пайғамбарнинг даъват ва илтижолари асло кирмайди. Кўзлари Аллоҳ таоло ҳар қадамда кўрсатиб қўйган ибрат, мўъжизаларни кўрмайди. Ноқис ақллари Аллоҳ динининг, Аллоҳ шариатининг исбот талаб этмайдиган олий ҳақиқатларини тан олишга ярамайди. Улар бу дунёда Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларни, мўл ризқларини гўё ўзлари ишлаб топгандай еб-ичиб, ҳатто шукрини қилишмайди. Бу дунёнинг журму исёнларига ғарқ бўлиб, охиратни эсдан чиқаришади. Арзимас мартаба ёки матоҳ дея ўзлари каби шахсларга сажда қилишадию, аммо бутун оламларнинг Эгаси, замину коинотнинг ҳақиқий Хожаси, барча мавжудотларнинг Яратувчиси бўлмиш буюк Зотга ибодат қилишга, Унинг амр-фармонларини бажаришга эринишади, ор қилишади, бепарво бўлишади. Аллоҳ таоло одам боласига охирати учун захира тўплаб олишга бу дунёда имкон яратиб берганини, шунинг учун унга “ҳаёт” дея аталмиш улуғ неъматни ато этганини, ҳаёт тугаганидан сўнг эса одам вафот этиб, ўлганидан кейин эса ҳисоб-китоб учун тайинланган вақт келгунча кутилишини рад этишади. Ўша вақт келгандагина, одам қайта тирилтирилади, ҳисоб-китоб қилинади, унга мукофот ёки жазо берилади.
26. Айтинг: «Аллоҳ сизларни тирилтиради, сўнгра ўлдиради, сўнгра сизларни шубҳаси йўқ қиёмат куни тўплайди. Лекин одамларнинг аксарияти билмайди».
Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қиляптики, эй Пайғамбарим, қиёматга, ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмаётган ўша жоҳил кимсаларга шундай денг: “Оталарингиз белидаги ва оналарингиз раҳмидаги жонсиз уруғдан сизларни тирик инсонга айлантириб, дунёга келтирган Аллоҳ таоло дунё ҳаётида ўзингизга ажратилган умрни яшаб бўлганингиздан кейин бир куни Ўз ҳузурига қайтариб олади. Келишига ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган қиёмат куни барчангизни қайтадан тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиш учун Маҳшаргоҳга тўплайди. Лекин Ер юзида яшаб турган одамларнинг кўпчилиги ушбу илоҳий ҳақиқатни билмайди, билса ҳам ўша кунга тайёргарлик кўрмайди.
Бутун инсониятга қиёматгача ҳақ дин сифатида юборилган Исломнинг буюк адолати шундаки, у бу дунё ортидан Охират дунёси борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида инсон дунё ҳаётидаги олтмиш-етмиш йиллик қисқагина умрини меҳнат-машаққатлар, уруш-жанжаллар, турли касаллик ва фалокатлар, хўрлик ва изтироблар ичида совуриб, эвазига ҳеч қандай мукофот олмай ўтиб кетган бўлур эди. Дунёда ҳақсизлик, зулм, қийноқ, адолатсизликларга дуч келганида «Бунинг эвазига охиратда ажр-мукофот бор-ку!» деган улуғ таскин-тасаллини топа олмаган бўлур эди. Исломнинг буюк адолати шундаки, у ўлгандан кейин қайтатирилиш борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида, ўлим инсон учун энг катта фожиа, кулфат, адолатсизликка айланган, уни ўрганиб қолган ҳаётидан, яқинларидан, мол-мулкидан, мавқе-мартабасидан бир лаҳзада узиб қўядиган золимликка айланган бўлур эди. Инсон бир куни ўлимдан қўрқа-қўрқа жон берган ва ҳайвонлар каби ўлиб кетиб, тупроқда беному-нишон чириган бўлур эди. Исломнинг буюк адолати шундаки, у охиратда Ҳисоб-китоб борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида дунёни ҳақсизлик, фитна-фасод, зулм-истибдод, зўравонлик ва муттаҳамлик босиб кетган бўлур эди. Исломдан чекинган ёки узоқда бўлган жамиятларнинг ҳозир ҳам ана шу кулфатлар исканжасидан чиқа олмаётгани бунга ёрқин далилдир.
27. Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга хосдир. Қиёмат қойим бўладиган кунда, ана шу кунда бузғунчилар зиён кўришади.
Борлиқдаги, осмонлар ва Ердаги ҳамда улар орасидаги ҳамма нарса Аллоҳга тегишлидир. Ҳамма нарсанинг ҳукмронлиги, бошқаруви фақат Аллоҳга хосдир. У ана шу ҳукми остидаги беҳисоб мулкни Ўзи хоҳлаганича тасарруф қилади. Худди шу каби Аллоҳ азза ва жалла бошқа махлуқотлари каби инсонларни ҳам хоҳласа - вафот эттиради, хоҳласа - қайта тирилтиради, хоҳласа - яхши амаллари учун мукофотлайди, хоҳласа - гуноҳлари эвазига жазо беради. Бу ишларнинг бирортасида Аллоҳни ҳеч ким чеклай олмайди, ишига аралаша билмайди. Шунинг учун Унинг оятларини инкор этиб, қиёмат куни қайта тирилишларига ишонмай юрган кимсалар Ер юзида катта бузғунчилик қилган, адашган кимсалар бўлишади ва шу нарса аниқки, қиёмат куни ана шундай бузуғнчиликларни қи-лувчилар албатта катта зиён кўришади.
28. Барча умматни тиз чўккан ҳолида кўрасиз. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилиб (айтилади): «Бугун қилиб юрган амалларингизнинг жазо-мукофотини олурсиз;
Яъни, қиёмат куни бутун умматни ҳисоб-китобнинг оғирлигидан тиз чўккан ҳолларида кўрасиз. Ҳар бир бандага дунё ҳаётида қилган ишларининг энг майда-чуйдасигача битилган номаи аъмол китоблари рўбарў қилиниб, “Мана энди дунёда қилиб юрган барча амалларингизнинг мукофоти ёки жазосини оласиз”, дейилади. Ўшанда барча инсонлар ва жинлар яқинлашиб, дўзах атрофида тиз чўкиб ўтирадилар. Сўнгра мўминлар нажот топиб, жаннатга равона бўладилар. Кофирлар эса дўзахга тушишларини кутиб, тиз чўккан ҳолларида ўтириб қоладилар. Аллоҳ таоло Ўз Китобида Аллоҳнинг Ўзидангина қўрқувчи, Унгагина итоат қилувчи тақволи бандалари учун дунё ва охиратда тайёрлаб қўйган ажр-мукофотларини ҳам баён қилиб беради: “Айтинг: «Сизларга булардан ҳам яхширок, нарса ҳакрда хабар берайми? Таҳводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида остларидан анҳорлар оҳиб турадиган, абадий яшаладиган жаннатлар, пок хотинлар ва Аллоҳ тарафидан ризолик бор. Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир» (Оли Имрон, 15).
29. мана бу китобимиз сизларга ҳақни айтади. Дарҳақиқат, Биз қилган амалларингизни ёзиб турган эдик».
Қиёмат кунининг даҳшати кучлигидан ҳар бир инсон, ким бўлишидан қатъи назар, фақат ўзинигина ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю эр-хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма фақат ўзини ўйлаб, бир-биридан қочади. Ҳамма маҳшар майдонида тўпланганида бандаларга номаи аъмоллари - бу дунёда қилган ишларини фаришталар томонидан ёзиб юрилган китоблари берилади. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам катта-кичикка ажратилмай, ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда уларга жавоб бериш керак. Қиёмат куни фақат савол-жавоб билан кифояланиб қолинмайди. Адолат тарозиси ўрнатилганида «тарозидан уриш», таниш-билиш, пора беришлар йўқ. Ҳар бир инсоннинг қилган ишлари адолат тарозисига солиб, тортилади. Яхшилик қилган одамнинг палласи оғир келиши, яхшиликларининг мукофотини олиши, жойи жаннатда бўлиши ваъда қилинган. Кимнинг палласи енгил келса, ёмонлигининг жазосини тўлиқ жаҳаннамда олиши ҳам ваъда этилган.
Инсонлар ноқис ақлларига суяниб, кўпинча “иш-амалларимизни, режаларимизни, нималарни ўйлаб турганимизни, қандай қарорларни мўлжаллаётганимизни Аллоҳ қаердан биларди?” деган хомхаёлларга боришади. Ваҳоланки, бутун махлуқларни, жумладан инсонларни яратган, уларга ақл, идрок, онг, туйғуларни берган Аллоҳ наҳот уларнинг арзимас фикру хаёлларидан бехабар бўлса? Ваҳоланки, Унинг кечаю кундуз тиним билмайдиган итоаткор фаришталари бандаларнинг қилмишларини миридансиригача ёзиб, дарҳол Парвардигорларига етказиб туришади. Уларнинг ҳар бир гап-сўзини қолдирмай ёзиб турадиган Аллоҳнинг котиб фаришталари бор. Шунинг учун Аллоҳ айтяптики, “Уларнинг ҳар бир иши қайд қилинган номаи аъмол китоблари фақат ҳақни сўзлайди, Биз уларнинг ҳамма амалларини ёздириб борганмиз. Уларнинг ҳар бирига бириктирилган элчи фаришталаримиз ҳар бир ишларини, гап-сўзларини уларнинг олдида туриб, аниқ қилиб ёзиб боришади. Вақти келганда ўша котиб фаришта ёзган номаи аъмолларини уларга кўрсатамиз”.
Бандаларнинг номаи аъмоллари - уларнинг тоат ва гуноҳлари котиб фаришталар томонидан ёзилган китобнинг ва бандалар ҳисобга тортилишининг ҳақлигига ишониш Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг бир қисмидир. Қиёматда мўминларнинг номаи аъ-моллари ўнг томонларидан, кофирларнинг эса ортлари ва чап томонларидан берилиши ҳақдир.
30. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни Парвардигор Ўз раҳматига киритади. Бу аниқ ютуқдир.
Борлиқдаги инсонлар кўриб турган ҳар бир раҳмат Аллоҳ таолонинг ар-Раҳмон исмининг бир қисми, бўлагидир. Аллоҳнинг ар-Раҳмон ва ар-Раҳим сифатлари орасидаги фарқ қуйидагичадир: раҳмат икки хил бўлади. 1) умумий рахдоат; 2) мукаммал (хос) рахдоат. Умумий раҳматга ҳақдор ҳам, бошқаси ҳам эришаверади. Масалан, ёмғир ёғса барча одамлар, яъни мўмин ҳам, кофир ҳам, мунофиқ ҳам, фосиқ ҳам бирдек фойдаланаверади. Аллоҳнинг ар-Раҳмон исми умумий раҳматга киради. Аммо хос раҳматдан фақат ҳақдор кишилар баҳраманд бўлади. Мана шу хос раҳматда хоҳиш билан амалиёт жамланган бўлади. Аллоҳнинг ар-Раҳим исми хос раҳматга киради. Лекин Аллоҳ сенга тажаллий қилиб, қалбингга нурни тўлдириши ва Ўзига яқинлаштириши хос раҳмат сирасига киради. Бу хос раҳматга фақат ҳақли бўлганлар киради. Умумий раҳматга эса барча одамлар киради. Аллоҳтаолога имон келтириб, дунёда солиҳ амаллар қилиб ўтганларни Парвардигор Ўзининг хос раҳмати остига киритади. Аллоҳнинг хос раҳматига мушарраф бўлган саодатманд бандалар охиратда энг катта ютуқларга эришадилар.
31.Аммо куфр келтирганларга (айтилади): «Ахир сизларга оятларим тиловат қилинмаганмиди?! Сизлар мутакаббирлик қилдингиз ва жиноятчи қавм бўлдингиз!»;
Имонли ва солиҳ амалларни қилувчиларни Аллоҳ Ўз раҳматига киритган ҳолда кофир кимсаларга “Сизларга оятларимни тиловат қилиб беришмаганмиди?! Ўшанда мутакаббирлик қилиб, жиноятчи-гуноҳкор қавмларга айландингиз”, дейди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Ер юзида ноҳак, такаббурлик крлади-ганларни оят-далилларимдан тўсиб кўяман. Улар қандай далилни кўришса ҳам ишонишмайди, тўғри йўлни билишса ҳам унга юришмайди. Хато йўлни билишса ҳам унга юришади. Зеро, улар далилларимизни ёлғонга чикрришган ва уларга эътиборсиздирлар» (Аъроф, 146).
Яъни, такаббур кимсаларни оятларимни фаҳмлаш, у ҳақда фикр юритиб, тадаббур қилишдан маҳрум қиламан ва кибру ҳаво қилганларига жазо сифатида қалбларини муҳрлаб қўяман. Абу Саид Худрий розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам айтдилар: «Жаннат билан дўзах талашиб қолишди. Дўзах: «Зўравон ва мутакаббир кимсалар менда» деган эди, жаннат: «Заиф ва мискин мусулмонлар менда», деди. Аллоҳ улар орасида ажрим қилиб, айтди: «Жаннат, сен Менинг раҳматимсан, сен орқали хоҳлаган бандаларимга раҳм қиламан. Дўзах, сен Менинг азобимсан, сен орқали хоҳлаган бандаларимни азоблайман. Иккингиз ҳам тўлиб-тошасиз» (Муслим ривояти).
32. қачон: «Аллоҳнинг ваъдаси албатта ҳақдир ва қиёмат шубҳасиз» дейилса, «Қиёмат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз аниқ ишонувчи эмасмиз», дедингиз».
Қиёмат куни келганида фаришталар “Аллоҳ дунёда сизларни қиёматнинг келиши ҳақида огоҳлантирган эди. У Зотнинг ваъдаси ҳақдир, қиёмат ҳеч бир шубҳасиз келди, энди бунга нима дейсизлар? Ваҳоланки, ўшанда қиёмат нималигини билмаймиз, бу ҳақда фақат гумон қиламиз, биз қиёматнинг бўлишига аниқ ишонмаймиз” дер эдингизлар?” Шунда Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилган кофир кимсалар бу саволга жавоб топа олмай қолишади. Аллоҳ таоло Ўз неъматларини эслатиб, уларга шукр қилиш ўрнига У Зотга итоатсизлик кўрсатганларини, гуноҳга ботганларини, ёмонликларини санаб ўтганида улар хижолатлик ва шармандаликдан ўзларини қўйгани жой топа олмай қолишади. Агар улар қилмишларини инкор қилгудай бўлишса, ўзларининг тана аъзолари эгаларига қарши гувоҳлик беришади.
33. Уларга қилиб ўтган ёмонликлари аён бўлди ва ўзлари масхара қилиб юрган нарсалари уларни ўраб олди.
Яъни, Аллоҳ таолонинг ҳақ китоби Қуръони каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларда кофир ва мушрик кимсалар дунё ҳамда охиратда Аллоҳнинг азобига учрашлари баён этилган. Аллоҳ таолонинг ваҳийларини инкор қилган, У Зот юборган пайғамбарларга итоатсизлик кўрсатиб, осийлик қилган ўтмишдаги жуда кўп қавмларнинг бошига дунёда Парвардигорнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган оммавий бало-офатлари келгани ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўп сураларида батафсил зикр этилади.
Аллоҳ таоло охирги умматдан Ўзининг азобини қиёматгача кечиктириб тургани ҳикматини тушунмаган Макка мушриклари Пайғамбар алайҳиссаломни “Сен ваъда қилаётган ва бизларни қўрқитаётган азоб қачон келади?” деб қийин-қистовга олишни бас қилишмаган. Аллоҳ таоло ана шундай нодон кимсаларни огоҳлантиряптики, уларга ваъда қилинган азобнинг келиши ҳақ. Аммо унинг келишига ишонмаганларни, уни бунчалар интизор кутаётганларни бу азобдан қутқариб қола оладиган бирор чора ёки қувват бўлмайди. Улар ҳозирча Пайғамбар устидан кулиб, унинг огоҳлантиришларини масхара қилиб туришаверсин, қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла уларни ўзлари масхара қилган нарсалари билан ўраб-чирмаб олиб азоблайди.
34. (Уларга) айтилди: «Сизлар ушбу кунингиздаги учрашувни унутганингиздек, бугун Биз ҳам сизларни “унутамиз”. Сизларнинг жойингиз дўзахдир ва сизларга ёрдамчилар ҳам йўқдир;
Кофир кимсалар охиратга ишонмаганлари учун қиёмат куни Парвардигорлари ҳузурида ҳисоб-китобга тортилишларини унутиб қўйишади. Улар охиратда Парвардигорларига рўбарў бўлишларини унутганлари каби Аллоҳ ҳам уларни “унутиб” қўяди, уларнинг ҳолидан хабар олмайди ва азоблардан қутулишда ёрдам ҳам бермайди. Уларнинг бундай даҳшатли аҳволига дунё ҳаётидаги қилмишлари сабаб бўлган эди. Улар Аллоҳнинг ваҳийларини олиб келган Пайғамбарни эрмак қилиб ёлғончига чиқаришган, унинг гапларини афсона деб атаб, калака қилишган. Ислом шариатини ҳазил-мазахга айлантириб, шариат ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол қилиб олишган. Айрим ишлари гуноҳ иш эканини билатуриб ҳам уни бемалол қилаверишган. Улар дунё ҳаётига шунчалик мубтало бўлишганки, ҳатто бир куни вақти-соати етиб ўлишларини, қиёмат куни Аллоҳҳузурида тўпланиб, қилмишлари учун ҳисоб беришларини ҳам унутиб қўйишган эди. Мана, ўша қиёмат соати етиб келди, ҳамма ишлари фош бўлди. Ўзларини қаёққа уришни, кимдан ёрдам сўрашни, арзларини кимга айтишни билолмай, хор-ночор туришибди. Мана шундай таҳликали вазиятда бирдан-бир ёрдам бериши мумкин бўлган Зот ҳам уларни “унутиб” юборди.
35. булар сизларнинг Аллоҳнинг оятларини масхара қилганингиз ва дунё ҳаёти сизларни алдаб қўйгани учундир». Улар бугунги кунда ундан чиқарилмайди ва улардан тавба ҳам талаб қилинмайди.
Маълумки, Қуръони каримдан бирор суранинг, ҳатто бир оятнинг нозил бўлиши Ислом уммати учун жуда катта ҳодиса, олам-шумул иш ҳисобланган. Аммо кофир ва мушрик кимсалар ана шу оламшумул воқеадан ҳам ўзларининг қабиҳ мақсадларида фойдаланишган, Аллоҳнинг Китобидан бир сура ёки оят нозил бўлганида бундан мусулмонларнинг устидан кулиш, уларни масхаралашда фойдаланишган. Чунки уларнинг дилида Исломга тиштирноқ билан қаршилик қилиш туйғуси яшириниб ётибди. Ана шундай кимсалар Аллоҳнинг оятларини жуда арзон баҳолашди: яъни дунёда саодат, охиратда нажот бўлган илоҳий амрларни дунё ҳаётининг вақтинчалик арзимас матоҳларига алмаштириб юборишди. Бу қилмишларининг устига устак, улар Аллоҳнинг динига эргашган мўмин-мусулмонларни ҳидоят йўлидан тўсиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишди. Бу йўлда улар ҳеч қандай ҳийла-найранг ва қабиҳ фитналардан қайтишмади. Улар дунёда мўминларни бопладик, деб ўзларини алдашмасин: уларнинг оқибатлари, охиратда эришажак қисматлари ниҳоятда аянчлидир. Уларни мангу азоб жойи бўлмиш дўзах қийноқлари кутиб турибди. Улар бу қилмишлари учун дўзахда абадий қолиб кетишади, ундан асло чиқарилишмайди. Уларга дунё ҳаётига қайтиб, гуноҳларига тавба қилишга имкон ҳам берилмайди. Аллоҳ таолонинг борлиқ ва коинотда яратиб қўйган беҳисоб мўъжизалари ва ҳикматларидан ибратланмайдиган, охират дунёсига имони бўлмагани, ишонмагани учун қиёмат куни Парвардигорларига рўпара бўлишдан умид қилмайдиган кимсаларга охиратда аламли азоблар бор. Чунки улар фоний дунё ҳаётининг жимжима ва лаззатларига мубтало бўлиб, ҳаётини фақат ўйин-кулги, кўнгилхушликлардан, яхши еб, яхши ичишдан иборат деб ўйлайдиган, охиратдаги насибаси ҳақида мутлақо бош қотирмай, хотиржамликка берилган ғофил кимсалардир.
36. Мақтовлар осмонларнинг Парвардигори ва Ернинг Пар-вардигори, оламларнинг Парвардигоригадир.
“Ҳамд” сўзи Қуръони каримнинг қирқдан ортиқ жойида зикр қилинган. Ҳамд-мақтовларнинг барчаси Аллоҳ учундир. У Зот сифатлари, феъллари, қадарларининг барида мақтовлидир. Ҳамд мақтовларнинг энг улкани ва энг кенгидир. Инсонлар ва бошқа махлуқотлар томонидан айтиладиган барча ҳамд-мақтов фақат Аллоҳ таолога бўлади. Чунки Аллоҳ азза ва жалла осмонларнинг ҳам Парвардигоридир, Ернинг ҳам Парвардигоридир, бутун борлиқдаги жамики оламларнинг Парвардигоридир. Ҳамма нарсанинг ягона эгаси ва тарбияткунандаси Аллоҳ бўлганидан кейин Ўзи яратган махлуқларининг сано ҳамда мақтовлари ҳам ёлғиз Унинг Ўзига бўлади. Имом Ғаззолий: «Ал-Ҳамид мақталган деганидир. Аллоҳ таоло халойиқни яратишдан олдин азалда ҳамд-мақтовни Ўзига нисбат қилган. Халойиқни яратгач халқи Унга ҳамд айтди», деган.
Аллоҳга ҳамд-мақтовлар бўлсин, чунки У зот ризқ, ақл, мол-дунё, оила, соғлик, омонлик ва Ислом неъматини ато қилди. Ким Парвардигорини ал-Ҳамид сифати билан таниса, Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду сано айтиш билан кифояланиб, одамларнинг мақтовига муҳтож бўлмайди.
37. Осмонлару Ердаги улуғлик Уникидир. У қудратлидир, ҳикматлидир.
Аллоҳ ал-Кабир, яъни, кибриёси улуғ, зоти, қадри ва қаҳри улуғ, ҳамма нарсадан устун бўлган Зотдир. Аллоҳ азза ва жалла учун кибриё сифат ҳамда буюклик васфи бўлган. Аллоҳ таолонинг Ўзи қудсий ҳадисда шундай деган: «Азизлик изорим, кибрлик эса ридоимдир (яъни бу икки сифат Менга хосдир). Ким Менинг бу сифатларим устида Мен билан талашса, уни азобимга гирифтор қиламан» (Муслим ривояти).
Яъни, Аллоҳнинг кибриёси шунчалар буюкки, бирор махлуқотники бунга ўхшамайди. Чунки осмонлардаги ва Ердаги, бутун борлиқдаги улуғлик, кибриё фақат Унга тегишлидир, Унга хосдир. Аллоҳ азза ва жалланинг азизлиги - қудрати, ҳикмати олдида барча махлуқот таъзим қилади, ожизлигини ҳис этади. Ҳақиқат шундай бўлганидан кейин кофир ва мушриклар унда нега Аллоҳ таолога, Унинг Пайғамбарига, Унинг динига, Китобига, қиёмат кунига, қайта тирилишга ва бошқа нарсаларга имон келтириш ўрнига бу ҳақиқатларни мазах қилишга, уларга тил теккизишга журъат этишяпти?
Кибр, мутаккабирлик, яъни ҳаммадан ўзини катта ва устун тутиш энг оғир гуноҳлардандир. Буюклик фақат Аллоҳ таолога хосдир. Аммо айрим нодон кимсалар Аллоҳ таолонинг ана шу сифатига даъвогарлик қилиб, кибрга боришади, ўзларини бошқалардан катта тутишади, калондимоғлик қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло менга “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирор кимса бошқа биров-га керилмасин, бирор кимса бошқа бировга зулм қилмасин”, деб ваҳий қилди” (Муслим ривояти).
Кўп гуноҳларнинг содир этилишига кибр сабаб бўлади. Аллоҳ таолога осий бўлиш, Унинг тоат-ибодатидан юз ўгиришнинг асосий сабабчиси ҳам банда қалбидаги кибру ҳаводир. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом: “Қалбида зарра мисқолича кибри бўлган одам жаннатга кирмайди”, деганлар (Муслим ривояти). Такаббурликнинг энг юқори чегараси Аллоҳни тан олмаслик, одам ўзининг ожиз банда эканини унутишидир. Инсон тупроқдан яратилганини ҳис этиб, аслига монанд ҳаёт кечириши, манманлик қилмаслиги, ўзгаларга нописанд муомалада бўлмаслиги, мол-дунёси, мансаби ёки обрў-эътибори туфайли кибру ҳавога бориб, ҳамманинг назаридан қолмаслиги лозим.