Маккада нозил бўлган, 35 оятдан иборат
«Аҳқоф» сўзи луғатда «қумтепалар» деган маънода, Қуръони каримнинг қирқ олтинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 35 оятдан иборат. Аҳқоф сураси бошқа маккий суралар каби ақийда масаласини муолажа қилади. Бу сурада Аллоҳнинг ягоналигига, ваҳий ва пайғамбарлик, ўлгандан сўнг қайта тирилиш ҳамда ҳисоб-китоб бўлиши ҳақлиги масалаларига алоҳида аҳамият берилади. Сурада мушриклар сиғинаётган бутлар бирор нарсага қодир бўлмаган жонсиз нарсалар экани, ҳар бир инсон ота-онасига яхшилик қилишга буюрилгани, фарзандни туғиб қаторга қўшгунча оналарнинг қанчалик азият чекиши ҳақида сўз боради. Унда Ҳуд алайҳиссаломнинг Яман юртидаги қумтепаларни маскан тутган Од қабиласини ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга даъват этганлари, уларнинг ўз куч-қувватларига ишониб пайғамбар даъватини инкор қилиш оқибатида ҳалокатга дучор бўлганлари хабари берилгани учун у «Аҳқоф» номини олган.
Сўнгра Худ алайҳиссаломнинг кибрга, туғёнга кетган қавмлари қандай ҳалокатга учраганлиги баён қилинади. Бу қавм Қуръонни инкор қилаётган Макка аҳлидан кўра жисмонан бақувват, улкан гавдали, қадамидан ер титрайдиган бўлишига ва бошқа кўпгина устунликларига қарамай Аллоҳ таоло уларни арзимаган сабаб билан ҳалок қилди. Бошқалар ҳам куч-қувватига ишониб, катта кетмасин, деган танбеҳ учун келтирилган бу қиссадан ибрат олишга даъват қилинади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Ҳа миим.
Ушбу сура ҳам ўзидан олдинги олти сура каби «Ҳа миим» кесик ҳарфлари билан бошланяпти. Булар ҳам ҳижо ҳарфларидандир. Улар ҳақида бошқа сураларда батафсил изоҳ берилган. Булар ҳақида уламолар турлича таъвил айтишган. Шулардан энг кучлиси - “Ушбу Қуръон «ҳа», «миим»га ўхшаш оддий араб ҳарфларидан иборат, лекин улар барчани ожиз қолдирувчидир. Бунга ўхшаш Китобни ҳеч ким келтира олмайди” деган фикрдир.
2. Китоб қудратли ва ҳикматли Аллоҳдан нозил қилингандир.
Яъни, Қуръони карим қудрат, азизлик, ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ таолонинг даргоҳи олиясидан нозил қилинган. Бу Китоб куфр ва ширкка ботиб, ғафлатда юрган кимсалар даъво қилаётганидек, охирзамон Пайғамбари Муҳаммад томонларидан тўқиб чиқарилган ҳам эмас, у зот буни бошқа бирор жойдан кўчириб ҳам олмаганлар. Балки ушбу китоб Аллоҳ таолонинг фаришта Жаброил алайҳиссалом воситасида Ўз Пайғамбарига индирган илоҳий каломидир. Китобнинг асоси Аллоҳ таолонинг ҳузуридадир, шунинг учун унинг бирор ояти ёки ҳарфида фариштанинг ҳам, Пайғамбарнинг ҳам ҳеч қандай ҳиссаси йўқ. Ўша ғофил кимсалар сафсата сотаётганидек, Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом шоир ҳам, сеҳргар ҳам эмаслар, ёлғончи ҳам эмаслар, Ер юзидаги инсонларга огоҳлантирувчи қилиб юборилган ёлғиз Аллоҳнинг элчисидирлар. Қуръондек ожиз қолдирувчи Китобнинг эгаси бўлган Зот кўзингиз кўриб турган, қалбингиз идрок этиб турган «борлиқ» деб аталмиш “китоб”нинг ҳам ягона эгасидир.
3. Биз осмонлару Ерни ҳамда улар орасидаги нарсаларни фақат ҳақ ва маълум муддат билан яратдик. Кофирлар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан юз ўгирувчилардир.
Яъни, Аллоҳ таоло осмонларни, Ерни ва борлиқдаги бошқа барча мавжудотларни бежизга ва беҳикмат яратмаган, балки ҳақ билан, ҳикмат билан ва Ўзигагина аён бўлган буюк бир мақсад учун барпо қилган. Маълум бир муддатгача буларнинг бари шу ҳолда фаолиятда бўлиб туради. Кофирлар ушбу ҳақиқатни англамаганлари, англашни истамаганлари учунгина бу далил-ҳужжатлардан юз ўгиришади, қиёматгача жорий қилинган илоҳий низомни инкор қилишга уринишади. Аллоҳ таоло барча инсонларни Ўзи яратган, демак, қиёмат куни ҳамманинг Унинг ҳузурига қайтиши бор. Аллоҳнинг бу ваъдаси ростдир, бандаларининг амаллари учун мукофот ёки жазо беришга фақатУнингЎзи ҳақлидир. Агар кофирлар гумон қилгани-дек, улар билан мўминлар баробар бўлсалар, осмонлару Ерни Аллоҳ таоло беҳудага яратган бўлиб қолмайдими? Ҳар ким амалига яраша жазо ёки мукофотини олмаса - кофир куфри ва зулмига яраша жазосини олмаса, мўмин имони ва солиҳ амалларига яраша мукофотини олмаса, зулм бўлиб қолмайдими? Ҳақдан юз ўгирган куфр ва ширк эгалари нега Аллоҳнинг ана шу буюк яратувчилик қудрати, бунга далолат қилувчи мўъжизалардан ибрат олишмайди, бу ҳақда тузукроқ бош қотиришмайди, тафаккур қилишмайди? Улар нима учун Қуръон оятларининг маъноларини чақиб кўришмайди? Агар улар осмонлару Ер ва улар орасидаги бошқа махлуқотларга ибрат назари билан қарашса, буларнинг барчаси ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмагани, балки қудратли ва ҳикматли Зот тарафидан яратилганини билишар эди-ку! Улар эса ҳеч қандай фойдаси бўлмаган, ҳеч нарсага ярамайдиган аллақандай ожиз бут-санамларга сиғиниб юришибди.
4. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳдан ўзга сиғинаётган нарсаларингиз хабарини бериб, менга кўрсатинг-чи, улар ердан нимани яратганлар? Ёки осмонларда уларнинг шерикликлари борми? Агар ростгўй бўлсангиз, менга бундан олдинги китобни ёки илмий бир асарни келтиринг».
Яъни, эй Пайғамбарим, куфр ва ширкка ботганларга айтингки, Аллоҳ осмонлар ва Ерни олти кунда ҳақ билан яратиб, уни инсонларга бўйсундириб қўйган қудратли Зотдир. Улар сиғинаётган бут-санамлар ҳар қанча урингани билан Ерда бирор нарсани яратишга қодир эмас. Уларнинг осмонларда ҳам шериклари йўқ. Осмонлару Ерни, улардаги жамики махлуқотларни яратган Аллоҳ таолога буларнинг барини бир лаҳзада йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин. Ҳақиқат шу бўлгач, одамлар нега Парвардигорингизга итоатсизлик қилишади, амрларини бажаришдан бўйин товлашади, ваҳийларини ёлғонга чиқаришга уринишади? Ваҳоланки, У Ер юзида макон тутган минг-минглаб одамларни ҳалок қилиб, ўрнига янги қавмларни келтириб қўйиши мумкин-ку! Шунинг учун Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали бутун умматга хитоб қилиб айтяптики, «Агар ростгўй бўлсангиз, бундан олдинги китобни ёки илмий бир асарни келтиринглар».
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга мушрикларни лол қолдирувчи, Аллоҳдан бошқага сиғинувчиларнинг ақидаси пуч эканини очиқ-ойдин фош этувчи далилларни зикр этмоқда. Уларнинг жоҳиллиги шунчаларки, тошдан, ёғочдан, лойдан ва бошқа нарсалардан ўзлари ясаб олган бут-санамларга сиғинишади. Баъзилари жинларни «Аллоҳнинг шериги» деб эътиқод қилиб, уларга ҳам сиғинишади, улардан ёрдам ва паноҳ кутишади. Ҳамма нарсага қодир Парвардигор турганида У яратган ва Унгагина бўйсунувчи жинларга сиғиниш ҳам инсон шаъни учун ор эмасми? Шунингдек, «Аллоҳнинг қизлари» деб фаришталарга сиғинадиганлар ёки қуёш, ой ва юлдузларга топинадиганлар ҳам бор эди. Араб мушриклари ана шу бут-санамлар Аллоҳнинг ҳузурида бизга шафоатчилик қилади, деб эътиқод қилишар эди. Жоҳилият замонида ҳар бир хонадоннинг, ҳар бир шахснинг ўз “худо”си бор эди. Ҳатто одамларнинг тупроқдан лой қориб, ундан бут ясаб сиғинган пайтлари ҳам бўлган. Ҳазрати Умар ибн Хаттобдай улуғ саҳобий ҳам Исломдан олдин ўзларига хурмодан бут ясаб олиб юрганлари, қорнилари очганда эса уни еб қўйганлари воқеаси тарих китобларида ёзиб қолдирилган: “...Умарнинг қорни очқаб кетди. Егулик ахтариб, чодир ичидаги барча хуржунларни титкилаб чиқди. Нафсни ором олдириш учун ярим меш сувдан бошқа нарса тополмади. Бирдан хуржун ичида қўлига нимадир урилгандай бўлди. Олиб қараса, эрталаб ибодат қилиш учун хурмо ва ҳалводан эзғилаб ясаб олган санам экан. У бутга бир оз ҳайрон бўлиб тикилиб турди, кейин унга ибодат қила бошлади. Ибодатини тугатиб бўлгач, яна қорни очлиги эсга тушди. Барибир очлик устун келди, хурмо ва ҳолвадан ясалган санамни еб қўйди”.
5. Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача дуосини мустажоб қилолмайдиганларга илтижо қиладиганлардан кўра адашганроқ ким бор? Ҳолбуки, улар ўшаларнинг дуосидан ғофилдирлар.
Ўзларини яратган Аллоҳни қўйиб, ўзлари ясаган бут-санамлар, ой, қуёш, дарахт ёки ҳайвон кабиларга сиғинувчилар улардан ҳожатларини раво қилишини сўраб, дуо-илтижо ҳам қилишади. Ҳолбуки, ўша бут-санамлари бу дуоларни эшитмайди ҳам, эшитган тақдирда ҳам уларнинг сўраганини бера олмайди. Мушрик кимсалар сиғиниб юрган нарсалар бирор қийматга арзимайди, уларнинг тариқчалик ҳам қадри йўқ. Улар шунчалик ожиз ва ночорки, мушрик одамларнинг сўзини эшитишга ҳам қодир эмас, бордию эшитиб қолса ҳам жавоб қайтара олмайди. Қандай қилиб эшитиб, жавоб қайтарсинки, улар тошдан, лойдан, ёғочдан ясалган бут-ҳайкаллар бўлса, уларнинг жони, ақли, эшитиш ва сўзлаш қобилияти бўлмаса! Улардан бирор наф-фойда ёки нажот кутиш ақлсизликнинг ўзгинасидир. Ҳеч нарсани эшитмайдиган, идрок қила олмайдиган жонсиз бутларнинг қўлидан нима ҳам келарди? Уларнинг залолатдаликлари туфайли илтижолари қиёматгача мустажоб бўлмайди. Бундай дуо-илтижоларни қилувчилар дунё ва охиратда энг қаттиқ адашган инсонлардан ҳисобланади.
6. Ўшалар одамлар тўпланганида буларга душман бўлиб, ибодатларини ҳам инкор қилишади.
Қиёмат қойим бўлиб, одамлар маҳшаргоҳга тўпланганларида ўша ожиз бут-санамлар дунёда ўзларига сиғиниб юрган мушрикларга ёрдам бериш, шафоат қилиш ўрнига уларга ғирт душманга айланишади. «Бизларга ҳеч қачон сиғинмагансизлар» деб, мушрикларни тан олишмайди. Ҳатто шайтон ҳам ўзига эргашганлардан тониб, «Мен сизларни йўлдан урмаганман, ўзларинг менга эргашиш йўлини танлагансизлар, энди мени эмас, ўзларингни маломат қилинглар” деб ўзларига эргашганлардан юз ўгиради. Қиёмат куни Аллоҳ «Анавиларга «Бизга ибодат қилинглар!» деб сизлар айтганмисизлар?» деган маънода сўраганида улар: «Йўқ! Парвардигоримиз, биз уларни ўзимизга ибодат қилишга буюрмаганмиз», дейишади. Одамлар озгина фикр юритишганда, ақлларини ишга солишганида сохта “илоҳ”ларга сиғинишнинг нақадар улкан кулфат эканини англаб етишган, бу хатарли йўлдан қайтишган бўлишарди.
7. Қачон уларга равшан оятларимиз тиловат қилинса, ко-фир бўлган кимсалар уларга Ҳақ келгандаёқ: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдир», дейишади.
Куфр ва ширк эгалари Аллоҳ таоло томонидан охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони каримга имон келтириш ўрнига “Бу очиқ-ойдин сеҳрнинг ўзгинаси” деб, уни инкор қилишади. Китобнинг ҳеч бир шубҳали ёки ноаниқ жойи йўқлигига қарамай, унга ишонмай, ҳақ бўлиб келган Қуръони каримни «сеҳр» дейишади. Кофир ва мушрик кимсалар шу тариқа Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин мўъжизаларини кўриб-билиб туриб ҳам имонга келишмади, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат қилишмади. Кўз ўнгиларида содир бўлган Аллоҳнинг мўъжизаларини сеҳргарлик ёки жодугарлик дейишдан ҳам тап тортишмади. Уларнинг бу гаплари ўта ёмон ахлоқсизлиқцир, ҳақни тан олишдан шармандаларча қочишдир. Бу нарса Аллоҳга ва Унинг каломига нисбатан ўтакетган беодобликдир. Бундай нодонлик ва қайсарликнинг оқибати жуда ёмон бўлади.
8. Балки «уни ўзи тўқиб олган» ҳам дейишар? Айтинг: «Агар уни тўқиб олган бўлсам, Аллоҳдан бирор нарсани мендан қайтаришга қодир эмассизлар. У сизлар кўпиртираётган нарсаларни яхши билувчидир. Мен билан сизларнинг ўртангизда гувоҳликка Унинг Ўзи кифоядир. У мағфиратлидир, раҳмлидир».
Мушрик кимсалар фақат Қуръони каримни сеҳр деб аташ билан кифояланиб қолмай, яна Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончиликда ҳам айблайдилар ва «Қуръонни ўзи тўқиб олган, «Аллоҳдан тушяпти» дегани ёлғон», дейишади. Ушбу оятда мушрикларнинг ана шу иддаолари фош этилиб, Муҳаммад алайҳиссаломга уларнинг «Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган, уни Аллоҳ нозил қилган эмас» қабилидаги беодобликларига қарши пайғамбарлик одобига мувофиқ раддия бериш буюрилмоқда: «Агар Қуръонни ўзим тўқиб олиб, «Бу Аллоҳнинг сўзи» деб ёлғондан айтаётган бўлсам, Аллоҳ мени тинч қўймайди, қаттиқ азобига гирифтор қилади. Сизлар Аллоҳнинг азобини мендан қайтаришга қодир эмассизлар. Мен эсам кўриб-билиб туриб, ўзимни Улуғ Аллоҳнинг азобига дучор қилмайман. Қандай қилиб ўзимча тўқий оламан, не сабабдан уни тўқийман? Мен билан сизларнингўртангизда Аллоҳ таолонинг Ўзи етарли гувоҳдир: У менинг ҳақлигим ва ростгўйлигимга, сизларнинг эса ёлғончи ва бўҳтончилингизга гувоҳлик беради”.
9. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен пайғамбарларнинг дастлабкиси эмасман, ўзимга ҳам, сизларга ҳам нима қилинишини билмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинаётган нарсага эргашаман. Мен очиқ огоҳлантирувчиман, холос»;
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбарликларига ишонмаётган мушрикларга пайғамбарларнинг биринчиси ҳам эмасликларини, ўзларига ҳам, ўша мушрикларга ҳам Аллоҳнинг қандай тақдири тайёрлаб қўйилганидан бехабарликларини, фақат ўзларига келган ваҳийларгагина эргашувчи очиқ огоҳлантирувчи бўлиб келганларини айтишни буюрмоқда. Ҳақиқатан Аллоҳнинг Пайғамбари бўлиш учун у зотнинг ғайб илмини билишлари, қавмларининг келажаги ҳақидаги илмни эгаллаган бўлишлари шарт эмас. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг ваҳийлари орқали қилинажак ишларнинг режасини билдириб турган. Пайғамбарнинг вазифаси имонлиларга Аллоҳнинг розилиги ва жаннат мукофоти, кофир ва мушрикларга Аллоҳнинг ғазаби ва дўзах жазоси борлиги ҳақида огоҳлантирувчидир.
Саълабийнинг Абу Солиҳдан, унинг Ибн Аббосдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари устида бало-офатлар жуда кўпайиб кетибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушларида ўзларининг хурмо дарахтлари кўп, суви сероб ерга ҳижрат қилганларини кўрдилар. Буни асҳобларига айтиб берганларида улар бундан хурсанд бўлишди. Мушрикларнинг ўзларига етказаётган азиятларидан шу туш сабабли қутулсак керак, деб ўйлашди. Кейин эса улар маълум бир фурсат ҳеч нарса ўзгармай жойларида туриб қолишганида: “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз тушингизда кўрган ерга қачон ҳижрат қиламиз?” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим туриб қолдилар. Шунда Аллоҳтаоло юқоридаги оятини нозил қилди. Яъни, мен тушимда кўрган жойга ҳижрат қиламанми-йўқми, билмайман, деб айтинг. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу фақат тушимда кўрган нарсадир, мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсагагина эргашаман холос”, дедилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келажақца ўзларига ва саҳобаларига нима бўлишини билмайдилар, ғайбдан огоҳ эмаслар.
10. Айтинг: (эй мушриклар), хабар беринглар-чи, агар у Аллоҳнинг ҳузуридан бўлса-ю, сизлар унга куфр келтирсанглар ва Бани Исроилдан бир гувоҳ ҳам унга ўхшашига гувоҳлик бериб, имон келтирса-да, сизлар мутакаббирлик қилсангизлар. Аллоҳ золим қавмларни асло ҳидоят қилмайди».
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга хитобини давом эттириб, у зотни мушрикларни Исломнинг ҳақиқатига чуқур назар солишга чақириш, баъзи яхудий олимларнинг ҳам ибратланиш, ҳақни топиш натижасида Исломга кирганларини етказишни буюрмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбарига мушрикларга яна шундай дейишни буюрмоқда: “Менга айтинглар-чи, агар сизлар инкор қилаётган Қуръони карим Аллоҳнинг ҳузуридан туширилган бўлсаю, сизлар Қуръонга куфр келтирган пайтларингда Бани Исроилдан бўлган бир гувоҳ Қуръон Аллоҳ таолодан нозил қилинганига гувоҳлик бериб, унга имон келтирса, сизлар мутакаббирлик билан инкор қилиб тураверасизларми? Шуни яхши билингларки, Парвардигорингиз сизларга ўхшаб Ўз ваҳийларини инкор қилаётган золим қавмларни асло ҳидоятга бошламайди”. Яъни, эй мушриклар, илмсизлигингиз ва жоҳиллигингизга бориб, Қуръоннинг Аллоҳ таолодан нозил бўлганига шубҳа қиляпсизлар, ваҳоланки, аҳли китоблардан саналган айрим яҳудийлар Қуръоннинг Аллоҳдан бўлиши мумкинлигига гувоҳлик бериб туришибди-ку! Чунки уларнинг пайғамбари Мусо алайҳис-саломга ҳам Қуръонга ўхшаш илоҳий китоб - Таврот нозил бўлган ҳамда Тавротда келган таълимотлар Қуръондагига ўхшайди, чунки иккаласини ҳам ягона Аллоҳ нозил қилган. Бунинг устига, Тавротда Муҳаммад алайҳиссаломнинг васфлари ҳам бор.
Айрим муфассирларнинг айтишларича, “Бани Исроил қавмидан бўлган бир гувоҳ” - яҳудий Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу бўлиб, у Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларида Қуръон оятларини эшитиб, бир неча саволларига жавоб олгач, дарҳол Қуръоннинг илоҳий китоб эканига ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбарликларига имон келтирган. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Мен (ашараи мубашшара, яъни жаннатийлиги башорат қилинган ўн саҳоба оламдан ўтгач) Пайғамбар алайҳиссаломнинг Абдуллоҳ ибн Саломдан бошқа Ер юзида юрган бирор кишига жаннатий эканини айтганларини эшитмаганман. Аллоҳ таоло унинг хусусида “Бани Исроилдан бир гувоҳ ҳам...” ояти каримасини нозил қилган” (Бухорий ривояти). Қайс ибн Убоддан ривоят қилинади: «Мадина масжидида ўтирган эдим. Бир киши кириб келди. Юзида хушуъ асари бор эди. «Бу киши жаннат аҳлидан», дейишди. У қисқагина қилиб икки ракат намоз ўқидида, кейин (масжиддан) чиқиб кетди. Мен унинг ортидан бориб: «Сен масжидга кириб келганингда: «Бу киши жаннат аҳлидан», дейишди-я?» дедим. У шундай деди: «Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ўзи билмаган нарсани гапирмаслиги керак. Энди ўша(гап)нинг сабабини сенга айтиб бераман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир туш кўриб, уни у зотга ҳикоя қилиб бердим. Тушимда бир боғда эканман - унинг бепоёнлиги ва ям-яшиллигини айтди, -унинг ўртасида бир темир устун бўлиб, унинг таги ерда, тепаси осмонда экан, тепасида бир тутқич бор экан. Менга: «Унга чиқ!» дейилди. «Чиқолмайман», дедим. Шунда бир хизматкор келиб, ортимдан туриб кийимимдан кўтариб қўйди. Мен унинг тепасигача чиқиб, ҳалиги тутқични ушладим. Шунда менга: «Уни маҳкам тут!» дейилди. Мен тутқични ушлаган ҳолда уйғониб кетдим. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган эдим, у зот: «Ўша боғ Ислом, ҳалиги устун - Ислом устуни, ўша тутқич эса «мустаҳкам тутқич»дир. Сен ўлгунингга қадар Исломда бўласан», дедилар». Ўша киши Абдуллоҳ ибн Салом экан» (Бухорий ривояти). Бу воқеада мусулмонлар фикр юритишлари зарур бўлган нукталар бор. Ислом ҳақиқатини тан олишни истамайдиган қайсар ва гумроҳ кимсаларнинг табиати ҳақидаги Аллоҳ таоло каломи ва Унинг Расули кўрсат-малари қанчалик ҳақлиги ҳар бир тарихий босқичда ўз исботини топаверади.
11. Куфр келтирганлар имонлиларга: «Агар бу яхшилик бўлганида, улар унга биздан олдин бормасдилар», дейишди. Ўзлари ундан ҳидоят топишмагач: «Бу эски уйдирмадир», дейдилар.
Яъни, куфр аҳлининг фикрига кўра, ушбу диннинг ҳақлиги ва яхшилигининг аломати шуки, ақлли, бадавлат ва баобрў одамлар унга биринчилардан бўлиб киришлари керак эди. Аммо улар қарашса, Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган динга асосан ғариблар, фақирлар, қуллар ва заиф кишилар киришаётган экан. Ҳақиқатан Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг рисолатларига биринчилардан бўлиб имон келтирган кишилар Аммор ибн Ёсир, унинг отаси ва онаси, ҳабаший қул Билол ибн Рабоҳ кабилар эди. Кибр ва ғурурига маҳлиё бўлиб, янги дин тарафдорларини назарга ҳам илмаётган Макка мушриклари ўзлари паст санайдиган одамлар билан бир динда бўлишни ор санашарди. Камбағал ва қул кишиларнинг Исломга кириши, Қуръонга ишониши уларнинг назарида камчилик - айб ҳисобланарди. Лекин уларни жаҳолат ва ғафлат шунчалар ўраб олган эдики, улар қавмнинг энгулуғларидан, аслзодаларидан Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон, Пайғамбар алайҳиссаломнинг покиза завжалари Хадича бинти Хувайлид каби баобрў кишиларнинг ҳам Исломга аввалгилардан бўлиб киришганини эътиборга олишмаганди. Исломнинг буюк адолати шундаки, у барча инсонларни ҳур, тенг ва насаб-мансабда баравар деб эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида қулдорлик авжига чиққан бир даврда юборилган бу дин қул билан хожани бир мақомга қўймаган (Расули акрамнинг Аммор ибн Ёсир, Билол Ҳабаший, Салмон Форсий каби ўнлаб саҳобалари мусулмон бўлишгунича қул эдилар), қул озод қилишни ибодат ва гуноҳларга каффорат (эваз) даражасига кўтармаган, қулининг айби учун бир тарсаки туширган хожага бу гуноҳи эвазига қулини озод қилишга буюрмаган бўлур эди.
Аслини олганда бадавлат, зодагон мушриклар бир нарсадан шубҳалари борлиги учун ёки ҳақиқатни тушуниб етмаганлари учун эмас, балки Муҳаммад алайҳиссаломга эргашсак, обрўйимиз, мавқеимиздан тушиб қоламиз, деб, кибру ҳаво қилишган эди. Шунинг учун ҳам улар ўзларининг жаҳолат ва залолатларини яшириш учун охирзамон Пайғамбари келтирган ҳидоят йўлини кўрсатувчи илоҳий ваҳийларни “эски уйдирма” деб аташдан бошқа чора тополмай қолишди.
12. Ундан олдин Мусонинг китоби йўл бошловчи ва раҳмат эди. Бу эса араб тилидаги, тасдиқловчи, зулм қилувчиларни огоҳлантирувчи ва яхшилик қилувчиларга хушхабар берувчи Китобдир.
Яъни, Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Таврот китоби йўл бошловчи раҳбар ва ҳар бир самовий китоблар каби инсонларга илоҳий раҳматдир. Ваҳий ҳақидаги баҳс ниҳоясида Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони карим биринчи самовий китоб эмаслиги, балки ундан олдин ҳам Мусонинг китоби - Таврот нозил қилингани, Қуръон эса араб тилида уни тасдиқлаб келганлиги баён қилинади. Мусонинг китоби «йўл бошловчи» деб васф қилинишининг боиси шуки, шариатнинг ва ақиданинг асли Тавротда келган. Оят давомида айтиляптики, айрим яҳудий олимларининг эътирофига кўра ва гувоҳлик беришларича, уларнинг китоби Тавротда араб миллатидан буюк Пайғамбар чиқиши ва унга охирги улуғ китоб нозил қилиниши хабари берилган. Муҳаммад алайҳиссалом Тавротда зикр қилинган ўша охирги Пайғамбардирлар, китоб эса, ўша тилга олинган сўнгги самовий китоб араб тилида нозил қилинган Қуръони каримдир. Ушбу оятда Қуръони каримнинг тўрт сифати: араб тилида нозил қилингани; ўзидан олдинги китобларни тасдиқловчи бўлиб келгани; барча турдаги зулм қилувчиларни охират азобидан огоҳлантирувчилиги; яхшилик ва солиҳ амал қилувчиларни охиратдаги мукофотлари ҳақида хушхабар берувчи экани васф қилинмоқда. Бунчалик очиқ-ойдин ҳақиқатни инкор этиш чинакамига зулмдир, золимлар эса ҳидоятдан буткул маҳрумдирлар.
13. «Парвардигоримиз Аллоҳдир» деган, сўнгра мустақим турганларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлишмайди.
Аллоҳ таоло “Парвардигоримиз Аллоҳдир” деб ягона яратувчига имон келтирган, сўнгра истиқоматда турган мўмин бандаларига охиратда тайёрлаб қўйилган мукофотини васф этиб, “уларга ўша кунда мутлақо хавфу хатар бўлмайди, улар оқибатларидан маҳзун-хафа ҳам бўлишмайди” дея ваъда беряпти. Чунки бу калимани ай-тганлар ягона Аллоҳнинг Ўзигина ибодатга сазовор Зот эканига, У бутун борлиқнинг ягона Парвардигори эканига, фақат Унга ибодат қилиб, фақат Унга суянишга иқрор бўлганлардир.
Ушбу ояти каримадаги “мустақим турганлар” деб ўгирилган “истиқома” сўзнинг асл маъноси «ҳар ишда тўғри бўлиш, адолат ва тўғриликдан айрилмай, дин ва ақл чегарасида юриш, Исломда ва унинг қонунларига бўйсуниб яшаш»дир. Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу айтади: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Исломда шундай бир гап айтингки, уни сиздан сўнг ҳеч кимдан сўрамайин”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга имон келтирдим” дегин, сўнгра истиқоматда бўлгин”, дедилар” (Муслим ривояти); Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Жаннатнинг калитлари Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик беришдир», дедилар» (Аҳмад ривояти). Орифлардан бири “Истиқомат икки нарсадан: имон тўғрилиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсага зоҳирда ҳам, ботинда ҳам эргашишдан иборат”, деган. “Парвардигоримиз - Аллоҳдир!” дейдиган, ўз-лари истиқоматда бўлган мўминларнинг устларидан қиёмат куни фаришталар келиб, “Қўрқманглар ҳам, ғамга ҳам ботманглар, сизларга ваъда қилинган жаннат қаршингизда турибди, энди бундан хурсанд бўлаверинглар” дейишади.
14. Ана ўшалар жаннат аҳлидир ва қилган амаллари мукофотига унда мангу қолишади.
Яъни, “Парвардигоримиз Аллоҳдир” дейдиган ва Аллоҳнинг йўлида мустақим турувчилар жаннат аҳлларидандир ва қилган амаллари мукофоти эвазига улар жаннатда мангу яшаб қолишади. Демак, охиратдаги саодатли мангу ҳаётга мушарраф бўлиш бизларнинг дунё ҳаётида қилган яхши-солиҳ амалларимизга, Аллоҳ йўли-даги, Унинг дини хизматидаги саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ экан. Дунёга келдикми, бир кун ундан кетишимиз бор. Фоний дунёдан абадий охиратга кўчишимиз бор. Оқибатнинг хайрли, савол-жавобнинг осон бўлиши дунёдаги солиҳ амалларимизга, Аллоҳга қандай бандалик қилишимизга боғлиқ. Мусулмонлик даъвосида юраверсагу аммо Исломнинг талабларига бўйсунмасак, ҳаётимизни Ислом асосига қура олмасак, ҳамма нарса ҳабата, барча ишларимиз бефойда, абас! Азиз умрни, тансиқ йилларни ёниб-кул бўлган қоғоз парчаси каби ҳавога совурган бўламиз, холос!
15. Инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Унинг ҳомиладорлиги ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Қачон у вояга етиб, қирқ ёшга етганида: «Парвардигорим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амал қилишимга мени муваффақ этгин. Зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, Сенга тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман», дейди.
Аллоҳтаоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида бандаларини ота-оналарига яхшилик қилишга, уларнинг розиликларини топишга буюрган. Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло «Инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик» деяпти. Демак, ҳар бир инсон ким бўлишидан, ҳаётдаги мавқеъ-мартабасидан қатъи назар, ота-онасига яхшилик қилишга мажбур. Бизларнинг дунёга келишимиз, камолга эришувимиздаги айниқса оналарнинг беқиёс хизматларини таърифлашга эса тил ожиз, қалам ноқис, сўз танқис. Расули акрам соллаллоху алайҳи васаллам “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир” деганлар ва умматларидан бу дунёда жаннат излаганларни онани рози қилишга, унинг дуосини олишга тарғиб қилганлар. Аллоҳ таолонинг оналарни бунчалар эъзозлашининг алоҳида ҳикмати бор: онангиз сизни ҳомиладорлик пайтида, туғилганингиздан сўнг авайлаб кўтариб юради, сутини, меҳрини, қалб қўрини бағишлаб парваришлайди, сизни деб оромидан кечади. Аллоҳ таоло Луқмон сурасида шундай деган: «Инсонни ота-онасига яхшилик крлишга буюрдик, чунки уни онаси ниҳоятда крйналган, оғир ҳолида ҳомила пайтида кўтариб юрди. Икки йил давомида эмизди. Менга, ота-онангга шукр ҳилгин! Албатта, ёлғиз Ўзимга ҳайтарсан!» (14-оят).
Она гўдагини улғайтиргунча қанчалар машаққат ва озорларга дуч келади. Ҳомиладорлик қийинчиликларининг ўзи ҳар қандай аёлнинг силласини қуритади. Кўнгил айниши, муайян нарса ҳидини ё муайян таомни ёқтирмаслик ёки алоҳида таомни, кўпинча нордон таомларни ейишни исташ, жиззакилик каби бошқоронғиликнинг бирқанча белгиларини бошдан кечиради. Эмизиш ҳам онанинг энг мўьтабар вазифаларидандир. Яхши оналар фарзандларини ўттиз ой, камида эса икки йил эмизадилар. Янги туғилган гўдакнинг жисми ва руҳининг ўсиб-улғайишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ривожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Бу қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният бир минг тўрт юз йилдан кейингина тушуниб етди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлардан сўнг замонавий тиб олимлари ҳам «Гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сути ва уни тўлиқ икки йил эмизиш керак» деган гапни айтишмоқда. Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксар буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтларида оталари бирор луқма ҳам ҳаром касб билан топилган таом едиришмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган. Шу боис ҳам динимизда оналар алоҳида шарафланади. Ҳадисларда келишича, «Бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида яхшилик қилишимга ким ҳақлироқ?” деб сўрабди. У зот: “Онанг”, дебдилар. Ўша одам: “Сўнгра ким?” дебди. У зот алай-ҳиссалом: “Онанг”, дебдилар.У киши: “Яна ким?” дебди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Онанг”, дебдилар ва ниҳоят, тўртинчи марта сўраганида, “Отанг”, дебдилар» (Бухорий ривояти).
Оятда «Унинг ҳомиладорлиги ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир» дейилишидан келиб чиқиб, баъзи уламолар ҳомиланинг энг оз вақти олти ой бўлиши мумкин, деган фикрни айтишган. Чунки бошқа оятда: «Оналар фарзандларини тўлик, икки йил эмизурлар», дейилган (Бақара, 233). Эмизиш билан ҳомиладорлик ўттиз ой бўлса, демак, ўттиздан йигирма тўрт чиқариб ташланса, олти ой қолади. Бу ҳақда Абдуллоҳ Жуҳайнийдан қуйидаги қисса ривоят қилинади: «Биздан бир киши Жуҳайна қабиласига мансуб аёлга уйланган эди. У олти ойдан кейин бола туғди. Эри халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг хузурларига бориб, бўлган воқеани айтди. У киши аёлни келтиришга одам юбордилар. Аёл туриб, кийимларини кияётганида синглиси йиғлай бошлади. У синглисига қараб: “Нимага йиғлайсан, Аллоҳга қасамки, менга эримдан бошқа ҳеч ким қўл теккизмаган. Аллоҳнинг Ўзи нимани хоҳласа, шу бўлади”, деди. Уни ҳазрати Усмоннинг ҳузурларига олиб келишганида, у киши аёлни (зинода айблаб), тошбўрон қилишга буюрдилар. Бу хабар Алий каррамаллоҳу важҳаҳуга етгач, у киши Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб: “Нима қиляпсиз?” - дедилар. Ҳазрати Усмон: “Олти ойда туғибди, шундай бўлиши ҳам мумкинми?” - дедилар. Ҳазрати Али: “Агар бу аёл Қуръондан далил келтирса, сизни ютиб чиқади”, дедилар. Ҳазрати Усмон: “Қандай қилиб?” деб сўрадилар. Ҳазрати Али: “Аллоҳ таолонинг «...унинг ҳомиладорлиги ва кўкрақцан ажратиши ўттиз ойдир» деган сўзини ўқиганмисиз? «Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар», деганини-чи? Шунда орадаги муддат олти ой қолмайдими?” дедилар. Ҳазрати Усмон: “Бу ёғи хаёлимга келмабди, Алий бўлмаганда ҳалокатга учрар эканмиз”, дедилар» (Ибн Аби Ҳотим ривояти).
Инсон қирққа етганида ҳақиқий камолга етади, чукур мулоҳаза қиладиган, ҳаётнинг пастибаландини тушунадиган бўлади. Ана шундай пайтда инсон ота-онасига кўплаб неъматларни ато этган Парвардигорига шундай илтижо қилади: «Парвардигорим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр крлишимга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амал крлишимга мени муваффак, этгин. Зурриётларимни ҳам солиҳлардан ҳилгин. Албатта, Сенга тавба ҳилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман». Ҳақиқатан, фарзанднинг ота-она ҳаққига дуо қилиши, Аллоҳни рози қиладиган солиҳ амалларга ўтиши охиратдаги гўзал мукофотга элтадиган энг муҳим амаллардандир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинади: “Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан икки эшик очади. Агар улардан битталарини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Бола ота-онасидан қайси бирини хафа қилса, уни рози қилмагунча Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди”, дедилар. Шунда бир киши: “Агар ота-она болага зулм қилса, бола нима қилиши керак?” деб сўради. Абдуллоҳ: “Агар улар болага зулм қилсалар ҳам бола уларни ранжитмаслиги керак”, деди” (Бухорий ривояти).
Ато ибн Абу Равоҳнинг ривоятида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Бу оят Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақида нозил қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма ёшларида, Абу Бакр эса ўн саккиз ёшида тижорат билан Шомга қараб йўлга чиқишди. Бир манзилга тушишди. У ерда бир дарахт бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг соясида ўтирдилар. Абу Бакр эса шу ердаги роҳибдан дин ҳақида сўраш учун борди. Шунда роҳиб: “Дарахт соясида ўтирган киши ким?” деди. “У Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибдир”, деб жавоб қилди Абу Бакр Сиддиқ. Роҳиб: “Аллоҳга қасамки, у пайғамбардир. Бу дарахт остида Исо ибн Марямдан кейин ҳеч ким сояланмаган. Фақат Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммадгина сояланади”, деди. Бундан Абу Бакрнинг қалбида яқийн ишонч ва тасдиқ ўрнашди. У сафарларда ҳам, муқимликда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сира ажралмасди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам қирқ ёшларида пайғамбар бўлганларида Абу Бакр ҳам Исломга кирди. У ўшанда ўттиз саккиз ёшда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни рисолатларини ҳеч бир тараддудсиз тасдиқлади. Энди қирқ ёшга кирганида эса: «Парвардигорим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр крлишимга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амал қилишимга мени муваффак, этгин. Зурриётларимни ҳам солиҳлардан ҳилгин. Албатта, Сенга тавба ҳилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман», деди”.
16. Улар шундай зотларки, Биз жаннат эгалари қатори уларнинг яхши амалларини қабул қиламиз ва ёмонликларини ўтиб юборамиз. Уларга берилган ҳақ ваъда шудир.
Мўмин банданинг Парвардигори ҳузуридаги шафоатчиси, воситачиси, аввало, унинг тавбасию мусулмонлигидир. У бирор гуноҳ қилса, дарров тавба қилади, Аллоҳга қайтади ва мусулмонлигини унутмайди. Бундай бандаларига Аллоҳ таоло уларнинг яхши амалларини қабул қилиши ва ёмонликларини кечиб юбориши ваъдасини берган. Яъни, Мўмин кишигина Аллоҳни Парвардигор, Исломни дин, Куръонни раҳнамо, Муҳаммад алайҳиссаломни эса ҳақ Пайғамбар деб имон келтиради. Банда Аллоҳ буюрган нарсага жиддий киришса, Аллоҳ ҳам унга Ўз ёрдамини кўрсатади. Балки ҳар қандай қийинчиликдан нажот бериб, ҳар қандай тангликдан кенгликка чиқаради. Бу ишларда “дунё ва охират иши” деган чегара йўқ. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар охиратдаги оқибатларидан хавотир олмай, кўнгиллари тўқ бўлиб, имонларида собит туришаверсин. Улар имонларининг қатъийлиги, имон йўлидаги синовларга бардош берганлари, дунё ҳаётида яхши, солиҳ амаллар қилганлари учун охиратда албатта икки тарафлама юқори даражаларга эришадилар. Бир томондан, имонлари ва солиҳ амаллари эвазига қилган гуноҳлари албатта ўчирилади, иккинчи томондан қилган амалларининг энг яхшиси билан ўзлари ҳам мукофотланадилар. Уларга Парвардигорлари томонидан барилган ҳақ ваъда шудир!
17. Шундай кимса ҳам борки, у ота-онасига: «Суф сизларга, менга чиқарилишимнинг ваъдасини беряпсизларми? Ҳолбуки, мендан олдин ҳам авлодлар ўтган-ку!» дейди. Улар Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда: «Ҳолингга вой бўлгур, имон келтиргин, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир», дейишса, у: «Бу олдингиларнинг афсоналари», дейди.
Яъни, ҳаётда шундай оқпадар фарзандлар ҳам бўладики, улар ота-оналарига ўта одобсизлик кўрсатиб, “Суф сизларгаей, менга ўлганимдан кейин яна қабримдан тирилиб чиқишимни айтиб, бошимни қотиряпсизларми? Ҳолбуки, мендан олдин ўтиб кетган қанчалаб авлодлар қабрларидан тирилиб чиқарилмади-ку?!” дейди. Бу беодобликдан қўрқувга тушган ота-оналари Аллоҳдан мадад сўраб, “Ҳолингга вой бўлгур, дарров имон келтир, Аллоҳнинг ваъдаси албатта ҳақдир, сени тирилтириб чиқариш Унга осондир” дейишадиган бўлса, ўша нобакор фарзандлари “Бу олдингиларнинг афсоналари” деб яна юзсизлик қилади. Ҳар бир мусулмон ота-она ўз фарзандининг ҳам мусулмон бўлишини ва ўз умрида эришган бахтга фарзанди ҳам эришишини хоҳлайди. Унинг икки дунёда бахтсиз бўлишини, охиратда дўзах азобида қолишини истамайди. Нуҳ алайҳиссаломдай Аллоҳнинг пайғамбари ҳам фарзандини аниқ ҳалокатдан қутқариб қолиш мақсадида кемага чиқариб олишни истаганларида имонга келмаган ўғилни ҳалок қилишни ирода этган Аллоҳ бунга изн бермаган.
Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам ота-онага яхшилик қилишни, хизматларига шай туришни жиҳоддан устун қўйганлар ва ота-онасини ранжитиб, уларга оқ бўлишни улкан гуноҳлар қаторида зикр қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталари ҳақида хабар берайми? (Улар) Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). Пайғамбар алайҳиссаломнинг ота-онага ёмон муносабатда бўлиш, уларга яхшилик қилмасликни ширкдек энг улкан гуноҳ билан ёнма-ён зикр қилганларига ҳам бир эътибор беринг. Яна Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам шундай деганлар: «Уч тоифа одамга Аллоҳ қиёмат куни қарамайди: ота-онасига оқ бўлган кимсага; маст қилувчи нарсага муккасидан кетган кимсага ва берган нарсасини миннат қилувчи кимсага» (Насоий ривояти); Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам яна: «Аллоҳ ота-онасига оқ бўлган кимсани лаънатлади», деганлар (Ҳоким ривояти); Пайғамбар алайҳиссалом: «Кишининг ўз ота-онасини сўкиши гуноҳи кабиралардандир», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, инсон ўз ота-онасини ҳам сўкадими?» деб сўрашган эди, «Ҳа”, дедилар. “Бошқа кишининг отасини сўкканда у бунинг отасини сўкади. Онасини сўкканда эса, у бунинг онасини сўкади», дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
18. Ана шуларга ўзларидан аввал ўтган жин ва инсон умматлар қаторида Сўз ҳақ бўлгандир. Улар албатта зиён кўрувчилардан бўлишди.
Яъни, куфр ва ширк эгаларига ҳам дунёда қилиб юрган бузғунчиликлари учун охиратда жин ва инсон умматларга ваъда қилинган Сўз, яъни оғир илоҳий азоб ҳақ бўлгандир. Улар дунё ҳаётида қанчалар керилишмасин, кибрга боришмасин, шу туфайли Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилишмасин, барибир мангу азобга гирифтор бўлишади ва энг зиён кўрувчилардан бўлишади. Аллоҳ таоло ушбу ояти орқали кофир ва мушриклар бу дунёда яшаб юрганларида кибру ҳавога бориб, имон келтиришдан бош тортганларининг оқибати нима билан тугашини баён этмоқда. Инсонлар ва жинлардан иборат йўлдан оздирувчилар Аллоҳнинг изни билан ўша кофир ва мушрикларнинг ҳар томонидан келиб йўлдан оздиришади: ортларида қилиб ўтган гуноҳ ишларини мақташади, олдиндаги режаларини гуноҳ бўлса ҳам чиройли қилиб кўрсатишади. Хуллас, уни ҳақ йўлдан адаштириб, разолат кўчасига киритиб юборишади. Ҳидоят йўлига юрса, бу йўлнинг машаққатли ва ҳамма нарсадан чеклаши билан қўрқитишади. Залолат йўлига юрса, унинг бу ишини маъқуллаб, чиройли кўрсатишади. Кофир ва осийлар бундан хурсанд бўлиб, янада кўпроқ гуноҳ қилишга ўтишади. Ваҳоланки, Аллоҳнинг азоб ҳақидаги Сўзи олдин ўтган бошқа инсонлар ва жинлар қатори кофирларга ҳам, уларни йўлдан оздирган ўша “дўст”ларга ҳам муқаррар бўлади: улар энг катта зиён кўрувчилардан бўлиб қолишади. Шундай йўлга кириб кетган кимсага Аллоҳ таолога итоат ва ибодат қилиш, Унинг амр-фармонларини бажариш, қайтарган нарсаларини тарк этиш унга тоғни жойидан кўчиришдан ҳам машаққатли ишга айланган. Охират ҳақида ўйлаш умуман хаёлининг кўчасига келмайди, келса ҳам хаёлларини нари қувади. Аксинча жилвакор дунёнинг журму исёнлари уни ўз гирдобига ғарқ қилган. Шайтони лаъин икки бурнидан сим ўтказиб жиловлаб олган. Оқибатда эса дўзахдаги мангу азоб сари йўл олганини сезмай ҳам қолади. Аллоҳ таоло айтади: “Уларга ҳам ўзларидан олдин ўтган жин ва инсдан иборат умматлар ҳатори Сўз ҳак, бўлди. Ҳаҳиҳатан улар зиён кўрувчи бўлишди” (Фуссилат, 25).
19. Ҳаммаларига қилган амалларига яраша даражалар бор-дир. Уларга амалларининг (мукофоти ёки жазоси) тўлиқ берилади ва уларга ноҳақлик қилинмайди.
Яъни, у хоҳ кофир, хоҳ мусулмон бўлсин, ҳар бир банданинг бу дунёдаги амалига яраша даражалар берилишини, ўша яхши-ёмон амалларининг самарасини, мукофоти ёки жазосини камитилмасдан тўлиқ олишини Аллоҳ таоло кафолатлаган ва бунда бандаларга асло адолатсизлик қилинмайди. Охират учун ҳаракат ҳеч қачон бу дунёни тарк этишни талаб этмайди. Инсон имонли бўлса, дунё учун қилган амалларини имонли ҳолда бажариб, охиратда ҳам, бу дунёда ҳам улуғ мақомга эришади. Исломда қуруқ гап ёки ниятнинг эътибори йўқ, балки айтилган гап ёки ниятни амал билан тасдиқлаган, яъни, фақат Парвардигорга ибодат қилиб, фақат Унга суянганларнинг мукофоти жаннатда мангу қолишдир. Тиллари билан айтган гапларга амал қилиш керак бўлганида юз ўгириб бошқа томонга кетадиганлар мўмин эмас, мунофиқдирлар. Аллоҳ таолога ва Пайғамбарга ишонмай, фақат бу дунё ҳаёти ва зийнатини хоҳлаб амал қилганлар бу дунёда фақат орзуларига эришадилар, аммо охиратда улар учун дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Ҳар бир инсон яхшими, ёмонми амал қилса, унинг амали ўзи билан бўлади, ундан ажрамайди. Ундан тониб, мен қилганим йўқ, деб қутулишнинг имкони йўқ. Бу дунёдаги ҳамма ишлар аниқ шаклда битилган амал дафтарига битилади ва ўшанга кўра ҳисоб-китоб бўлади. Тарози паллаларида бу дунёдаги ишларнинг савоблари оғир келиши ё гуноҳлари оғир келиши ила банданинг бахтли (жаннатий) ёки бадбахт (дўзахий) экани кўринади. Ким охиратда Парвардигорининг ҳузурига бир яхшилик билан келса, бунинг савоби, мукофоти кўпайтириб берилади. Ким бир ёмонлик билан келса, унинг жазоси кўпайтирилмай, ўз мислича берилади, яъни яхшиликнинг савоби кўпайтириб берилади, ёмонлик эса ўз ҳолича жазога тортилади, кўпайтирилмайди. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Банда Исломга кирса ва Исломи гўзал бўлса, Аллоҳунга ҳар бир касб қилган яхшилигини ёзади ҳамда ҳар бир касб қилган ёмонлигини ўчиради. Ундан кейин қилганига яраша бўлади. Бир яхшиликўн мисличадан то етти юз мартагача кўпайтирилади. Бир ёмонлик эса, Аллоҳ азза ва жалла ўтиб юбормаса, жазоси ўз мислича бўлади» (Насоий ривояти).
20. Куфр келтирганлар дўзахга рўпара қилинадиган Кунда (уларга айтилади): «Дунё ҳаётидаёқ лаззатларингизни совуриб, ҳузурланиб бўлгансиз. Бугунги кунда Ер юзида ноҳақ кибр ва фосиқлик қилганингиз учун хорлик азоби билан жазоланасизлар».
Жаннат йўли ниҳоятда оғир, машаққатли, унда турли тўсиқлар кўп, бироқ бу йўлдаги муваққат машаққатнинг оқибати охиратдаги доимий роҳатдир. Аммо дўзахга олиб борадиган йўл жозибали, роҳат-фароғатли. Унга нафс ҳамиша мойил, ҳавои нафслар унга эргашади. Унда жамол гўзалликларига назар солиш, шаҳват ва унинг лаззатларига интилиш бор. Дўзах йўлидаги бир зумли лаззатнинг самараси эса, жаҳаннамдаги давомли аламдир. Дўзахга рўпара қилинганларнинг ҳолатини кўргач, мўминлар “Дунёда зулм ва залолатга ботиб юрганлар охиратда ўзларига ҳам, аҳли-аёллари ва зурриётларига ҳам зиён келтирган бўлишади”, дейишади. Кофир кимсалар дўзах қаршисида турганларида уларга “Дунё ҳаётидаёқ лаззатлардан фойдаланиб бўлгансизлар, энди Ер юзида ноҳақдан кибрга бориб, фосиқлик қилганларинг учун абадий азобланиладиган дўзахга ташланасизлар” дейилади. Бу дунёда Аллоҳнинг зикридан юз ўгириб, Уни унутган, У Зотнинг сиғинишга муносиб ягона илоҳ эканини тан олмай юрган нобакор кимсалар қиёматда ана шундай абгор ҳолда тирилтирилиб, хор-зор қилганча дўзах сари судраб борилади. Бундайлар билишмайдики, дунё ҳаётида Аллоҳнинг тўғри йўлини инкор этиб, Унинг ваҳийларини келтирган пайғамбарларга эргашмай, Аллоҳга итоат ўрнига У Зотга исён ва итоатсизлик қилганлардан ҳам бахтсизроқ бошқа одам топилмай қолади. Энди гуноҳлари эвазига унга фақат дўзах маскан бўлади, жонига ора кирадиган ҳеч қандай ёрдамчи бўлмайди, боши азоб ва кулфатдан чиқмайди. Аллоҳ таолонинг оятларини инкор қилувчиларнинг оқибати охиратда ана шундай аянчли бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу сўзлаб берди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Муъоз ибн Жабал», дедилар. Муъоз у зотнинг уловларига мингашиб олган эди, «Амрингизга мунтазирман, эй Аллоҳнинг Расули», деди. «Эй Муъоз», дедилар яна. «Амрингизга мунтазирман, эй Аллоҳнинг Расули», дея уч марта айтди. «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир» деб сидқидилдан гувоҳлик берган киши борки, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилур», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, одамларни бундан хабардор қилайми, хурсанд бўлишар эди?» деди (Муъоз). «У ҳолда (у сўзга) суяниб қолишади», дедилар у зот. Муъоз гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқиб, буни ўлими олдидан айтган» (Бухорий ривояти).
21. (Эй Муҳаммад), Однинг биродарини эсланг, ўшанда у қум тепаликлардаги қавмини «Аллоҳдан ўзгага ибодат қилманглар, сизлар учун буюк Куннинг азобидан қўрқаман», деб огоҳлантирган эди. Ҳолбуки, ундан аввал ҳам, кейин ҳам огоҳлантирувчилар бўлган эди.
Яъни, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳаддидан ошган қавмларининг ибрат ва насиҳат олиши учун уларга Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Ҳуд алайҳиссаломнинг қиссасини эслатиш буюрилмоқда. Ҳуд алайҳиссалом ҳам баланд қумтепаларда яшайдиган қавмини Аллоҳнинг азобидан огоҳлантирган эди. Қуръони каримда бундай насиҳатларни такрор-такрор келтиришдан мурод шуки, қиёмат кунидаги аламли ва даҳшатли азоб дунёдагисидан бир неча бор шиддатли бўлиши ва Аллоҳнинг азобидан қаттиқ қўрқиш лозимлигини инсонларга эслатишдир. Ояти каримадаги «Однинг биродари» деганда пайғамбар Ҳуд алайҳис-салом назарда тутилади. У киши ҳам ўз қавми Одга Аллоҳ томонидан пайғамбар қилиб юборилган эди. Од қавми бадавий арабларидан бўлиб, асли Арабистон ярим оролининг жанубида, Ҳазрамавт томонда, баландлик-қумтепа жойларда яшаган. Бундай жойлар араб тилида «аҳқоф» дейилади. Ушбу сураи кариманинг номи мана шу оятдан олинган. Исмоил алайҳиссаломдан олдин ўтган араблар «Боида (бадавий) араблари» дейилади. Ҳуд алайҳисса-ломнинг огоҳлантирувчи - пайғамбар бўлиши янгилик эмас эди. У кишидан аввал ҳам, кейин ҳам огоҳлантирувчилар - пайғамбарлар келган. Ўтган пайғамбарларга ўхшаб Ҳуд алайҳиссалом ҳам ўз қавмини Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмасликка чақирди ҳамда «улуғ Кун» - қиёматнинг азобидан огоҳлантирди.
22. Улар: «Бизни “илоҳ”ларимиздан буришга келдингми? Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтирчи!» дейишди.
Бироқ Од қавми биродарлари Ҳуд алайҳиссаломнинг ягона Аллоҳга сиғиниш ҳақидаги даъватини назарга илмади, пайғамбар сўзларини инобатга олмади, уларнинг бу қилмишлари эса ўзларига фақат зарар келтирди. Саркаш Од қавми каби бошқа мушриклар ҳам Аллоҳгагина ибодат қилишга чорланишса, “Даъватчи ўз фойдасини кўзлаб, бизнинг мавқеимизни пастлатмоқчи, акс ҳолда аввалдан ўрганиб қолган, ҳозиргача сиғиниб келган нарсаларимиздан нега қайтаради?” деган ёмон гумонларга боришади. Уларнинг ҳақиқатни тушунгилари, тан олгилари келмасди. Шунинг учун пайғамбарнинг сўзларини инкор қилишга тузукроқ баҳона топа олмай, “Агар рост айтаётган бўлсанг, бизларга ўша ўзинг даъво қилаётган азобни тезроқ келтирчи!” дейишдан бошқа гап топа олишмади.
23. У: «Билим Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен сизларга нима билан юборилган бўлсам, шуни етказаман. Лекин сизларнинг нодон қавм эканингизни кўриб турибман», деди.
Кофирлар Ҳуд алайҳиссаломдан ваъда қилинаётган азобни тезроқ келтиришини талаб қилишди. Аммо Ҳуд алайҳиссалом бу қўпол, жоҳилона талабларни ҳилм ва сабр билан қабул қилди. “Азоб қачон келишининг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир, мен бу азобни тезлаштиришга ёки секинлаштиришга қодир эмасман, бунинг муддатини фақат ягона Аллоҳ билади, менга сизларни азобдан огоҳлантириш топширилган эди, шу вазифани бажардим, нимани етказиш топширилган бўлса, фақат шуни биламан”, деб жавоб қилди. Ҳуд алайҳиссалом айни пайтда қавмининг жоҳилларча берган саволига жавобан: “Лекин саволингиздан сизларнинг нодонлардан эканингизни кўриб турибман”, деди. Аллоҳ таоло шундан сўнг келишини мушриклар сабрсизлик билан кутган Ўз азобининг саркаш қавм устига қандай юборишини зикр қилади:
24. Улар ўшанинг водийлари томон келаётган булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга ёмғир ёғдирувчи булутдир», дейишди. Йўқ! Бу ўзларингиз ошиққан аламли азоби бор бўрондир.
Жоҳил ва нодон қавмлар ҳамиша ҳақни инкор қилиб, ботил нарсаларга қаттиқ ёпишиб олади ва инсон қўлидан келмайдиган ишларни талаб қилишдан нарига ўтмайди. Шу билан рақибларини мот ҳам қилмоқчи бўлишади. Куфр келтирганлар пайғамбар Ҳуд алайҳиссаломга итоатсизлик кўрсатиб, Аллоҳнинг ваъда қилган азобини тезроқ келтирақолмайсанми, деб истеҳзо қилиб туришганида ўзлари яшаётган водий томон келаётган улкан қора булутларни кўриб қолишди. Улар бундан севиниб кетишди, “Анчадан буён ёғин ёғмай, ерларимиз қақраб, экин битмай ётган эди, мана энди мўл ёғин ёғиб, ҳаммаёқ яшнаб кетади” деган хаёлга боришди. Ривоятларда келишича, Од қавми қаттиқ иссиққа дучор бўлган, узоқ вақт ёмғир ёғмай, қурғоқчилик ва иссиқ таъсиридан ҳаво тандирга айланган. Бу ҳақда келган ҳадислардан бирида, жумладан, шундай дейилади: «...Од қавми қурғоқчиликка учраганида Қийн исмли одамни вакил қилиб юборишибди. У Муовия ибн Бакрнинг олдига борибди ва ҳузурида бир ой меҳмон бўлибди. Ароқ ичиб, Жарадатани исмли икки жориядан қўшиқлар эшитибди. Бир ой ўтгандан сўнг Муҳра тоғига чиқиб, шундай маънода дуо қилибди: «Аллоҳим! Ўзинг биласан, мен бир касални давола-гани келганим йўқ ёки бир асирни озод қилганим ҳам йўқ. Аллоҳим! Од қавмини Ўзинг сероб қиладиган нарса билан сероблантиргин», дебди. Шунда унинг тепасидан бир қанча қора булутлар ўта бошлабди ва улардан «танлаб ол!» деган овоз чиқибди. Ў бир қора булутга ишора қилибди. Шунда «ол ўшани!» деган нидо келибди...» (Аҳмад ривояти).
25. Парвардигорининг амри билан у ҳамма нарсани яксон қилади. Тонг отганида масканларидан бошқа нарса кўринмай қолди. Биз гуноҳкор қавмларни шундай жазолаймиз.
Ҳуд алайҳиссалом осмонда келаётган қора булутнинг ёғин ёғдирмаслигини биларди, зеро, унда ҳалок қилувчи аламли азоб бор эди. Бу Од қавмига Аллоҳ таоло томонидан юборилган алоҳида азоб бўрони эди. У Аллоҳнинг амри билан нимага тегса, вайрон (ҳалок) қилиши аниқ эди. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятда айтилишича, бу бўрон бор-йўғи бир узукнинг тешигидай жойдан чиққан, холос. Дарҳақиқат, шамол Од қавмини тамоман ҳалок қилди, қавм яшаган жойларда уларнинг масканларидан (уйлардан) бошқа ҳеч нарса қолмади. Аллоҳ таоло жиноятчи-гуноҳкор қавмларни ҳамиша шундай жазолайди. Аммо инсонлар Аллоҳнинг азобини тезлаштиришини сўраб, бир оз шошқалоқлик қилишади, холос.
26. (Эй Макка аҳли), уларни Биз сизларга бермаган имконларга қодир қилган эдик ҳамда уларга қулоқ, кўз ва диллар бергандик. Улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлари учун қулоқ, кўз, диллари асло фойда бермади. Шунда уларни ўзлари масхара қилган нарсалари ўраб олди.
Аллоҳ таоло Макка мушрикларига хитоб қилиб айтяптики, эй Макка аҳли, сизлар ҳам пайғамбар Ҳуд алайҳиссаломга итоатсизлик кўрсатиб, Бизнинг жазоимизга мубтало бўлган Од қавмига ўхшаманглар. Ваҳоланки, уларга сизларга берилмаган имкониятлар ато этилганди, бундан ташқари ваҳийларимизни эшитишлари учун қулоқларни, атрофларидаги мўъжиза ва аломатларимизни кўришлари учун кўзларни, оятларимизнинг тажаллисини ҳис этишлари учун дилларни бериб кўйган эдик. Аммо улар осийликка бориб, ваҳийларимизга куфр келтиришди, бут-санамларни Бизга шерик қилишди. Оятдаги хитоб Макка мушрикларига қаратилган бўлса ҳам, ҳукми ҳаммага баробардир. Яъни ақли, кўзи, қулоғи бор инсон Аллоҳнинг мўъжизаларидан ибрат олсин, Унинг амр-фармонларига итоат этсин, Унинг ваҳийларига имон келтирсин. Акс ҳолда, охиратда унинг тўплаган бойликлари ҳам, қўша-қўша фарзандлари ҳам, катта мансабию аслзодалиги ҳам асло фойда бермайди, жонига ора кирмайди. Унинг бу нарсалар борасида ҳар қанча юқори даражага етгани ҳам, ўз эгасини Аллоҳнинг азобидан қутқара олмайди.
27. Ҳақиқатан атрофингиздаги шаҳар-қишлоқларни ҳалок қилдик Шояд қайтишса деб, уларга аломатларни баён қилгандик.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қайта-қайта огоҳлантирганидек, У Ўзига ва пайғамбарларига осийлик кўрсатиб, илоҳий ваҳийлар-ни инкор қилган, имонга келмаган қанча-қанча қавмларни ҳалок этиб, улар яшаган шаҳар-қишлоқларни Ер юзидан йўқ қилиб юборган. Аллоҳ азза ва жалла Макка мушрикларидан олдин яшаб ўтган, Од, Самуд, Сабаъ, Лут қавмларини ана шундай азобга гирифтор этган. Аллоҳ таоло Макка мушрикларини ҳам зора ҳақ йўлга қайтишса, Парвардигорнинг рисолатига имон келтиришса деб уларга ўтмишда ҳалок бўлиб кетган қавмларнинг қиссаларини такрор-такрор эслатмоқда. Шоядки, улар куфрдан имонга, зулмдан адолатга, туғёндан рушди ҳидоятга қайтишса деб, ҳужжат-далиллар, аломат-мўъжизаларни келтирса ҳам, улар ҳидоят йўлига қайтишмади.
28. Ахир ўзлари Аллоҳни қўйиб, Унга яқинлаштирувчи деб тутган «илоҳ»лари уларга ёрдам берса бўлмасмиди?! Иўқ, улар ғойиб бўлишди. Бу уларнинг уйдирмалари ва тўқиган бўҳтонларидир.
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳтаоло мушрикларни огоҳлан-тиряптики, агар сизлар Парвардигорингизни қўйиб, ўзларингизга “илоҳ” қилиб олган бут-санамларингизни, қиёматда шафоат қилади, катта худога яқинлаштиради деб ўйлаётган ўша бутларингизни баравар ёрдамга чақирсангиз ҳам улар сизларни Аллоҳнинг дунёдаги ҳалокатидан асраб қололмаганидек, улар қиёматда ҳам ҳеч қандай ёрдам бера олмайди, Парвардигорнинг абадий азобидан қутқара олмайди. Мушрикларнинг фикрича, бу сохта худолар доимо ҳомий бўлиб, ўзларига сиғинганларни бало-офатлардан сақлаб қолиши, оғир пайтларда ёрдамга келишлари лозим эди. Аммо энг керакли пайтда - қиёмат қойим бўлиб, уларга сиғиниб юрганларнинг бари оғир аҳволга тушиб қолганида уларни тополмай қолишади. Яъни куфр ва ширклари учун дўзахга ҳукм қилинганида даҳшатга тушиб, бирор ёрдамчи, ҳомий ахтаришга тушганида ўша бутлари ёки “ҳимоячи”лари заррача ёрдам беролмай қолишади. Қандай ҳам ёрдам беришсинки, уларнинг ўзини одамлар ясаб олган бўлса, бут-санамларнинг ўзлари ҳам ёрдамга муҳтож бўлса?!
29. (Эй Муҳаммад), бир гуруҳ жинларни Куръон эшитишлари учун олдингизга юборганимизни эсланг. Улар ҳозир бўлиб: «Жим эшитинглар!» дейишди. Тугагач, қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтишди.
Аллоҳ таоло севимли Пайғамбарига эслатяптики, инсонларга пайғамбарларнинг даъвати етиб келса ҳам, уларга Аллоҳнинг Каломи тиловат қилиб берилса ҳам имонга келишмади.Улардан фарқли ўлароқ, жинлар Қуръон оятларига қулоқ тутиб, эшитишлари биланоқунга имон келтиришди ва қавмларини огоҳлантириш учун шошилишди. Оятдан маълум бўляптики, жинларнинг Қуръонга қулоқ осишлари тўсатдан, кутилмаганда содир бўлмаган, балки уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи бунга буриб қўйган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлиш вақтлари келганида жин ва шайтонлар осмон хабарларини тинглашдан маҳрум қилиниб, фаришатлар уларни юлдузлар билан қувишга тушишди. Жинлар бу ҳодисанинг Аллоҳ томонидан бандалари учун жиддий бир ишни ирода қилгани туфайли эканини тушуниб етишди. Жинлар Куръонни тинглагач, ваҳийга бошқа хабарлар аралашиб кетмаслиги ва келаётган ваҳийнинг қатъий ҳужжатлилиги аниқ бўлиши учун осмон хабарларини эшитишдан маҳрум этилишганини англаб етишди. Шундан сўнг Аллоҳ томонидан бутун инсониятга юборилган охирги Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга имон келтиришди ва у зотнинг сўзларини тасдиқлашди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан Укоз бозорига бориш учун йўлга чиқдилар. Ўша пайтда шайтонлар билан осмон хабари ораси тўсилиб, уларга учқун отилаётган эди. Шайтонлар ўз қавмларининг олдига қайтиб келишганда, (қавмлари:) «Сизларга нима бўлди?» дейишди. Улар: «Биз билан осмон хабари ораси тўсилиб, бизларга учқун отилди», дейишди. Улар: «Сизлар билан осмон хабари орасини фақат янги рўй берган ҳодиса тўсиши мумкин. Энди Ернинг машриғию мағрибини кезиб, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган нарса нима эканини қараб кўринглар» дейишди. Тиҳома томонга йўлга чиққан(жин)лар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолишди, у зот ўз асҳоблари билан Укоз бозорига кетаётиб, Нахлада улар билан бомдод намозини ўқиётган эдилар. Қуръонни эшитганда унга қулоқ тутишди ва: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган мана шудир», дейишди. Ўша ёқдан қавмларига қайтиб бориб: «Эй қавмимиз, биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилади. Бас, биз унга иймон келтирдик ва Роббимизга ҳеч кимни шерик қилмасмиз», дейишди (Бухорий ривояти).
30. Улар айтишди: «Эй қавмимиз! Биз Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдингиларни тасдиқловчи, ҳаққа ва тўғри йўлга ҳидоят қилувчи Китобни тингладик;
Жинлар ўз қавмларининг олдига бориб, Мусо алайҳиссаломга туширилган Тавротдан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги илоҳий китобларни тасдиқлайдиган, ҳақ дин Исломга ва Аллоҳнинг тўғри йўлига ҳидоят қиладиган китоб бўлмиш Қуръони каримни тинглашганини маълум қилишяпти. Оятдан маълум бўляптики, жинлар Мусо алайҳиссаломни ва у кишига нозил қилинган китобни ҳам билишар экан. Улар илк эшитган оятларнинг маъноси, далолати, услуби ва бошқа жиҳатлари билан Қуръон ҳам Мусога нозил қилинган китобни тасдиқловчи илоҳий Китоб эканини тушуниб етишган. Яна бир муҳим жиҳати ҳам борки, жинлар Қуръони карим оятларининг маъносидан, таъсиридан, ҳаловатидан унинг тўғри йўлга бошлашини билиб, қавмларига ҳам бу ҳақда хабар беришган.
31. эй қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг ва Унга имон келтиринг, У гуноҳларингизни мағфират қилади ва аламли азобдан асрайди;
Яъни, жинлар ўз қавмига хитоб қилиб айтяптики, барчаларингиз Аллоҳнинг Пайгамбари даъватига жавоб беринг, Аллоҳга имон келтиринг. Парвардигорингиз гуноҳларингизни кечиради ва охиратдаги аламли азобдан ҳимоя қилади. Ибн Ҳишомнинг ёзишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга бориб, сақифликлардан ёрдам ва ҳимоя қилишни сўрамоқчи бўлдилар. У зот сақифликларнинг Аллоҳ таоло томонидан юборилган динни қабул қилишидан умидвор бўлган эдилар. Аммо улар Исломни қабул қилиш ўрнига Аллоҳнинг элчисига ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиб, у зотнинг гапларини рад қилишди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сақифликларнинг яхшилигидан умидларини узиб, Тоифдан Макка сари йўлга чиқдилар. Нахла водийсига келиб тушгач, кеча ўртасида туриб намоз ўқидилар. Менга билдирилишича, олдиларидан Аллоҳ зикр этган бир гуруҳ жинлар ўтди. Улар Насийбин (шаҳри) жинларидан етти нафари эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ тутиб, намозларини тугатганларидан кейин қавмлари олдига қайтиб, уларни огоҳлантиришди. Бу жинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларига ижобат қилиб, имон келтиришган эди. Аллоҳ таоло уларнинг хабарини ушбу оятда келтирган”.
32. ким Аллоҳнинг даъватчисини қабул қилмаса, у ер юзида қочиб қутула олмайди ва унга У Зотдан ўзга дўстлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадир».
Ушбу ояти каримада Аллоҳнинг ваҳийларини қабул қилмаган куфр аҳлининг осийликлари баён этилмоқда. Улар Аллоҳнинг динига даъват қилаётган Пайғамбарнинг рисолатини тан олмай, у келтирган динни эътироф қилмай жуда катта хатога йўл қўйишмоқда. Ваҳоланки, улар илоҳий хабарни қабул қилмай, нимага ҳам эриша олишарди? Улар осмонларга чиқиб кетишса ҳам, Ер қаърига кириб кетишса ҳам, ҳамма жойда буюк кудрат эгаси Аллоҳнинг қонуни ва низоми ҳукмрон. Аллоҳ азза ва жалла Ўзига ва Пайғамбарига итоатсизлик қилганларни борлиқнинг ҳамма ерида ҳам жазолашга қодир Зотдир. Унинг жазосидан инсонлар ҳам, кўзга кўринмас жинлар ва фаришталар ҳам омонда эмаслар. Оламлар саййиди Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларидан жинларга ҳам самовий хабарлардан баъзилари маълум бўлиб турарди. У зотга пайғамбарлик нозил бўлганидан кейин фаришталар уларга оловли тошларни отиб, осмон хабарларини эшитишдан тўсиб қўйишди. Шундан жинлар оламда бирор янгилик бўлдимикин, бизларга келаётган самовий хабарларнинг йўли тўсилиб қолди, деб ўйлашди.
Бу ҳақда келган ҳадисда воқеалар шундай зикр қилинади: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан Укоз бозорига бориш учун йўлга чиқдилар. Ўша пайтда шайтонлар билан осмон хабари ораси тўсилиб, уларга учқун отилаётган эди. Шайтонлар ўз қавмларининг олдига қайтиб келишганда, (қавмлари:) «Сизларга нима бўлди?» дейишди. Улар: «Биз билан осмон хабари ораси тўсилиб, бизларга учқун отилди», дейишди. Улар: «Сизлар билан осмон хабари орасини фақат янги рўй берган ҳодиса тўсиши мумкин. Энди Ернинг машриғию мағрибини кезиб, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган нарса нима эканини қараб кўринглар» дейишди. Тиҳома (жой номи) томонга йўлга чиққан жинлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолишди, у зот ўз асҳоблари билан Ўкоз бозорига кетаётиб, Нахлада улар билан бомдод намозини ўқиётган эдилар. Қуръонни эшитганда унга қулоқ тутишди ва: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган мана шудир», дейишди. Ўша ёқдан қавмларига қайтиб бориб: «Эй қавмимиз, биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилади. Бас, биз унга иймон келтирдик ва Роббимизга ҳеч кимни шерик қилмасмиз», дейишди” (Бухорий ривояти).
Жинларнинг Қуръон тинглаганлари ҳақидаги ривоятдан маълум бўладики, айнан шу сафар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари жинлар у зотнингтиловатларига қулоқ осганидан ва ундан кейинги гаплардан бехабар бўлганлар. Фақат Аллоҳ таоло оят нозил қилиб, хабар берганидан сўнг буни билганлар. Аммо ушбу воқеадан сўнг жинлар яна келиб, Қуръон тиловатини тинглаганларида Пайғамбар алайҳиссалом бу галгисини билиб турганлар: Улуғ саҳобий Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларга: «Ким жинлар ишига ҳозир бўлишни истаса, бу кеча мен билан юрсин”, дедилар.
Мендан бошқа ҳеч ким бормади. Юриб бориб, Макканинг юқорисига етганимизда, оёқлари билан менга чизиқ чизиб бердиларда: “Шундан чиқмай ўтир», дедилар. Ўзлари узоқроққа бориб, Қуръон ўқий бошладилар. Бир зумда у кишини қора нарсалар ўраб, икко-вимизнинг орамизни тўсиб қўйди, мен овозларини ҳам эшитмай қолдим. Сўнгра ҳалиги қора нарсалар булутга ўхшаб, парча-парча бўлиниб, тарқаб кета бошлади. Фақат бир бўлаги қолганда Расулуллоҳ бомдод намозини тугатдилар, бориб таҳорат ушатдилар ва олдимга келиб: «Ҳалигилар нима қилди?» деб сўрадилар. Мен: «Ҳов ана, туришибди», дедим. Пайғамбар алайҳиссалом уларга суяк ва тезакни бердилар. Бизни эса суяк ва тезак билан истинжо қилишдан қайтардилар» (Муслим ривояти). Кейин жинларнинг кўплари мусулмон бўлиб, қавмларини Аллоҳнинг динига даъват қилишган. Уламоларнинг таҳқиқ қилишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом жинлар билан олти марта мулоқот қилганлари ривоятларда собитдир. Буларнинг тавсифи Жин ва бошқа сураларда ҳамда ҳадисларда зикр этилгандир.
33. Ахир улар осмонлару Ерни яратган ва уларни яратишда чарчамаган Аллоҳ ўликларни ҳам тирилтиришга қодир эканини англаб етишмадими? Йўқ, албатта У ҳамма нарсага қодирдир.
Ҳамма нарсага қодир, борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бўлган Аллоҳ таоло ўлганларни қайта тирилтиришга ҳам, уларнинг қилмишлари юзасидан сўроқ-савол қилишга ҳам ва бу дунёдаги қилган гуноҳлари ёки яхши амалларига яраша жазо ёки мукофот беришга ҳам қодирдир. Бу нарсалар Унга асло машаққат туғдирмайди ёки У ҳамма нарсани яратишда асло толиқиб қолмайди. Курсий оятида зикр қилинганидек, «Иккисини ҳимоясида сакушб туриш Унга оғир келмайди». Аллоҳ таоло шундайин чек-сиз қудрат эгасики, осмонлару Ерни, ундаги мавжудотларни ҳифзу ҳимоятда ушлаб туриш Унга заррача малоллик, машаққат ёки қийинчилик туғдирмайди. Махлуқотларни ҳалокатга учратиш, Еру осмонларни кунфаякун қилиш ёки уларни омонлиқца тутиб туриш фақат Унинг ихтиёридадир. Ҳамма нарса Унинг ҳузурида хор, ҳақир ва залилдир. У ҳолда Аллоҳнинг динини қабул қилмайдиганлар, Унинг ваҳийларини инкор қилувчилар нега бу ҳақиқатни ўйлаб кўришмайди, осийлик қилиш ўрнига У Зотга имон келтиришмайди?
34. Куфр келтирганлар дўзахга рўпара қилинган Кунда: «Бу ҳақ эмасми?!» (дейилганида), улар: «Парвардигоримизга қасамки, шундай!» дейишади. (Шунда Аллоҳ): «Энди куфр келтирганингиз учун азобни тотинглар», дейди.
Яъни, дунё ҳаётида Аллоҳнинг оятларини инкор этиб, ўлгандан кейин қайта тирилишни ҳам, охиратдаги ҳисоб-китобни ҳам ёлғонга чиқарган кофир ва мушрик кимсалар дўзахга рўпара қилинганида дўзахнинг азоб фаришталари улардан ваҳшат билан: “Сизлар ёлғон, афсона санаб юрган нарсалар ҳақ эканми?” деб сўрашади. Улар Аллоҳ номига қасам билан “Ҳақ экан” деб жавоб қилишади. “Энди Аллоҳнинг ҳақ ваъдаларига ишонмай, куфр келтириб юрганларингизнинг азобини бир тотиб кўринглар”, дейилади ва дўзахга улоқтирилади. Куфр инсониятнинг энг катта хатосидир. Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига, китобларига, ўлгандан кейин қайта тирилишга, қиёмат ва охиратга ишонмаслик улкан гуноҳдир. Мушриклик эса куфрдан кейинги энгулкан кечирилмас гуноҳдир. Куфрнинг турлари кўп: гуноҳни ҳалол деб билиш ҳам, Исломни менсимаслик ҳам, шариатни масхара қилиш ҳам куфрдир. Ким Аллоҳ таолони Унга лойиқ бўлмаган сифатлар билан сифатласа ёки исмларидан, буйруқларидан бирортасини масхара қилса ёхуд Унинг ваъдаси ёки ваъидини инкор этса, кофир бўлади. Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсиз бўлиш, Унинг азобидан хотиржам бўлиш ҳам куфрдир.
Суранинг охирги оятида Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ва у киши орқали барча мўмин-мусулмонларга тасалли бериб, кофирлар ва мушриклар етказаётган азоб-ларга, озор ва тазйиқларга худди илгари ўтган пайғамбарлар каби сабр қилишни буюради.
35. (Эй Муҳаммад), матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек, сиз ҳам сабр қилинг, уларга ошиқманг! Улар ўзларига ваъда қилинган нарсани кўрганларида худди кундуздан бир соатгина турганга ўхшашади. Бу бир етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмларгина ҳалок қилинади.
Оятдаги “матонатли” деб ўгирилган “улул-азм” сўзи “азму матонат соҳиби” маъносини билдиради. Улул-азм пайғамбарларга Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад алайҳимуссалом киришади. Улул-азм пайғамбарлар бошларига имон, дину диёнат йўлида беҳисоб кулфат-маломатлар ёғилган, аммо улар беқиёс сабр-матонат кўрсатишган, сабр-матонатда зарбулмасал бўлишган. Аллоҳ таоло бу пайғамбарларини инсонларга охират дунёсида мўминлар эриша-жак олий мукофотлар, яъни абадий роҳат-фароғатда яшаладиган жаннат боғлари, Аллоҳ таолонинг розилиги ва Унинг жамолига мушарраф бўлиш кабилар ҳақида хушхабарни етказиш, имонсиз ҳамда мушрик кимсаларни абадий қийноқ ва азоблар макони бўлмиш дўзахдаги шиддатли азоблар билан қўрқитиш учун юборган. Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, Ўзининг рисолатини умматга етказишда, бу йўлда бошларига келадиган ҳар қандай машаққат, қийинчилик, озорларга ўта сабрли бўлишга чақирмоқда. Мушрик кимсалар қанчалар осийлик қилишмасин, уларнинг оқибати жуда ёмон: қиёмат куни ўзларига ваъда қилинган азоб-жазоларни кўришганида “мазза қилиб” яшаган дунёларида худди бир соатгина тургандек бўлишади. Шунинг учун ҳам охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг бошларига оғир йўқотишлар, мушрикларнинг зулм ва хўрликлари келганида ҳам Аллоҳ таоло у зотга сабрли бўлишни буюрган: “(Эй Муҳаммад), энди чиройли сабр қилинг!” (Маориж, 5).
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам бежизга ваҳийни етказишда чиройли сабрга чақирмаётир. У Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан олдин ҳам барча пайғамбарларини ваҳийни етказишда, инсонларни имонга чақиришда ўзларига етадиган машаққат-озорларга сабр қилишга буюрган. Энг суюкли фарзандидан айрилган Яъқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларига кўнган Айюб алайҳис-салом, хўрлаш-қийноқларига дош берган Мусо алайҳиссаломнинг буюк сабрлари инсониятга улкан ибрат бўлиб тарих саҳифаларида қолган. Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: «Эй бандаларим, Мен бандалар ичидан бир мўмин кишини (бирон мусибат етказиб) имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб синовимга сабр қилса, у ўша жойидан турганида онаси туққан кундагидек хато-гуноҳларидан пок бўлиб туради». Имом Қуртубий: «Чиройли сабр киши ўзидаги жиззакиликни йўқотиши ва Аллоҳдан бошқага шикоят қилмаслигидир», деган.