loader

017. Исро сураси

Маккада нозил бўлган, 111 оятдан иборат.

“Исро” сўзи луғатда «тунда сайр қилдириш» маъносида, Пайғам-баримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туннинг бир қисмида Маккадаги Масжидул-Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул-Ақсога боришлари ҳодисаси «Исро» дейилади. Бу ҳодиса Қуръони карим ояти (Ал-Исро, 1) да зикр этилган. Расулуллоҳнинг Исро ва Меърожларини ҳақ деб билиш имон шартларидандир. Ким Исро ҳақидаги оят-ларни рад этса, кофир бўлади. Суранинг яна бир номи Бани Исроилдир. Сурада асосан Бани Исроил қавми ҳақида сўз юритилгани учун у шундай деб ҳам номланган.
Исро сураси Ислом даъвати тарихидаги энг машаққатли ва оғир дамларда нозил бўлган. Бу даврга келиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги оз сонли мусулмонларга нисбатан мушрикларнинг озор ва қийноқлари кучайгандан-кучайган, уларнинг мусулмонларни Аллоҳнинг динидан қайтариш йўлидаги чиранишлари ҳаддидан ошган эди. Ўша оғир кунларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мушрикларнинг ҳужумларидан ҳимоя қилиб турган амакилари Абу Толиб ва покиза завжалари Хадижа онамиз ҳам вафот этишади. Мана шундай нохуш бир пайтда Исро ва Меърож ҳодисаси бўлиб ўтди. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тунда Маккаи Мукаррамадан бир зумда Байтул-Мақдисга олиб борди ва у ердан меърожга олиб чиқди. Бу эса ана шундай оғир бир пайтда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар учун катта тасалли эди. Ноумидлик кайфиятини сўндириб, умид учқунларини аланга олдириш эди.
Айни чоғда Исро воқеаси кишилар имонини синашнинг омили ҳам эди. Ҳар бир нарсага моддий мўъжиза талаб қилиб турган мушрикларга бу воқеа ортиқча гап-сўзлар учун яна бир қулай фурсат бўлса, “мўмин-мусулмонман”, деб юрганларнинг эса имонлари қанчалик мустаҳкам эканини синашда бу суранинг аҳамияти ниҳоятда катта бўлди. Шунингдек, Исро сураси бошқа маккий суралар каби ақида масаласига, Ислом динининг асл моҳияти бўлмиш ваҳдоният, пайғамбарлик ва ўлгандан кейин қайта тирилишга имон каби нарсаларга алоҳида эътибор беради.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Ўз бандасини Масжидул-Ҳаромдан Биз атрофини баракотли қилиб қўйганимиз Масжидул-Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун тунда сайр қилдирган Зот покдир. Дарҳақиқат, У эшитувчидир, кўриб турувчидир.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи поклаб ёд қилмоқда ва бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Исро, яъни кечанинг бир қисмида сайр қилдиргани ҳақида хабар бермоқда. Исродан мурод, у зотга илоҳий мўъжизаларни кўрсатиш эди. Дарҳақиқат, бу ҳодиса асносида, хусусан Меърожда Аллоҳ таоло Ўз бандаси ва Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпдан-кўп мўъжизаларни кўрсатди.
Исро - Ислом тарихидаги энг муҳим ва мўъжизакор воқеалардан ҳисобланади. «Исро» сўзи луғатда «кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юриш»ни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг кечанинг бир қисмида Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Масжидул Ҳаромдан (яъни Маккаи мукаррамадан) Байтул Мақдисга - Масжидул Ақсога сайр қилдириши “Исро” деб айтилади. Яна шуни ҳам таъкидлаб айтиш лозимки, Исро ҳодисаси туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам жасадлари, ҳам руҳлари билан қилган сафарларидир. Агар туш ёки руҳий сафар бўладиган бўлса, бу воқеанинг мўъжизалиги қолмас эди.
Исро воқеаси Ислом даъвати тарихидаги энг машаққатли ва оғир дамларда содир бўлди. Бу даврга келиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги оз сонли мусулмонларга нисбатан мушрикларнинг озорлари, қийноқлари кучайган, уларни Аллоҳнинг динидан қайтариш йўлидаги чиранишлари ҳаддидан ошган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мушрикларнинг ҳужумларидан ҳимоя қилиб турган амакилари Абу Толиб ва покиза завжалари Хадича онамиз вафот этишади. Ана шундай маҳзунлик, қайғу йилида Исро ва Меърож ҳодисаси бўлиб ўтди. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккаи мукаррамадан кечаси бир зумда Байтул Мақдисга олиб борди ва у ердан Меърожга олиб чиқди. Бу эса ана шундай оғир бир пайтда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар учун катта тасалли эди. Ноумидлик кайфиятини сўндириб, умид учқунларини аланга олдириш эди.
Айни чоғда, Исро воқеаси кишилар имонини синашнинг омили ҳам эди. Ҳар бир нарсага моддий мўъжиза талаб қилиб турган мушрикларга бу воқеа ортиқча гап-сўзлар учун яна бир қулай фурсат бўлса, “мўмин-мусулмонман” деб юрганларнинг эса имонлари қанчалик мустаҳкам эканини синаш учун бу воқеа зўр омил бўлди. Қуръони каримда Исро мўъжизаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун илоҳий ҳурмат, улуғ мартаба экани айтилади, Аллоҳ таолонинг қудратига далил экани тушунтирилади.
Муҳаддисларнинг ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозидан сўнгУмму Ҳониъ бинти Абу Толибнинг уйида ухлаб ётганларида Исро ҳодисаси бошланди.Ўша кечаси Байтул-Мақдисга Буроқ номли ҳайвонга миниб бордилар. Сўнгра у ердаги катта харсанг тош устида туриб, Меърожга кўтарилдилар.
Шу куни содир бўлган Меърож воқеаси ҳам Пайғамбаримизга Аллоҳ таоло лутф этган улуғ мўъжизалардан эди. Меърождаги ҳолатлар ва турли мўъжизалар ҳақида Қуръони каримда маълумотлар келган: “Қасамки, (Муҳаммад Жаброилни илк бор ерда кўргач, яна) иккинчи бор кўрди. “Сидратул Мунтаҳо” дарахти олдида. Маъво боғи ҳам ўшанинг олдидадир. Ўшанда Сидра дарахтини ўраган нарса (нур ёки олтин паррандалар) ўраб олган эди. (Пайғамбарнинг) кўзи оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ. Дарҳақиқат, у Парвардигорининг буюк аломатларини кўрди” (Нажм сураси, 14-18-оятлар).
Муҳаммад алайҳиссалом Меърож ҳодисасида Аллоҳнинг қудратига далил бўлувчи улкан белгиларни, жумладан, жаннат ва дўзахни, Обод Уйни (осмонда фаришталар тавоф қиладиган уй, яъни Байтул Маъмурни), ўтган кўпгина пайғамбарларни, Жаброил алай-ҳиссаломнинг асл ҳолатларини ва бошқа ғайбий (яширин) нарсаларни кўрдилар. Ғайбга тааллуқли мазкур нарсалар Пайғамбар алайҳиссаломга кўрсатилишининг ҳикматлари кўп. Жумладан, у зот одамларни даъват қиладиган нарсаларни ўз кўзлари билан кўриб, қалбларидан тасдиқлаб олсалар, уларни динга чақиришлари осон кечади, одамларга ҳужжат келтиришлари осон бўлади, қолаверса, мўминларнинг қалблари таскин топади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қурайш мени Исро ҳақида ёлғончи қилганида ҳижрда (Каъбанинг ёнидаги маълум жой) турдим. Аллоҳ менга Байтул-Мақдисни кўрсатди. Мен унга назар солатуриб, уларга унинг белгиларини айтиб бердим” (Муслим ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ўзимни ҳижрнинг ёнида Қурайш Исро қилган жойим ҳақида сўраётганини кўрдим. Шунда улар мен яхшироқ тасаббут қилмаган нарсалар ҳақида сўраб қолишди. Қийин аҳволга тушиб қолдим, ҳеч бундай қийин ҳолга тушмаган эдим. Шунда Аллоҳ назар солишим учун буни кўтарди. Нима ҳақда сўрашса, ўша ҳақда жавоб қилавердим. Батаҳқиқ, ўзимни пайгамбарлар жамоасида кўрдим. Қарасам, Мусо тик туриб намоз ўқимоқда. Танаси енгил, жингалаксоч киши экан. Худди Шануъанинг эркакларига ўхшайди. Қарасам, Исо ибни Марям алай-ҳиссалом ҳам тик туриб намоз ўқияпти. Одамлар ичида унга энг ўхшаши Урва ибн Масъуд Сақафийдир. Қарасам, Иброҳим алайҳис-салом тик туриб намоз ўқимоқда. Одамлар ичида унга энг ўхшаши соҳибингиздир (яъни,ўзлари). Шунда намоз вақти бўлиб қолди. Мен уларга имом бўлдим. Намоздан фориғ бўлганимда биров: “Эй Муҳаммад, мана бу Моликдир, у - дўзахнинг соҳиби, унга салом бер”, деди. Бурилиб, унга қараган эдим, у аввал менга салом берди” (Муслим ривояти).
Меърожда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом ҳам бирга бўлдилар. Ҳар осмонга етганда у эшикни очишларини сўрар эди. Қўриқчи фаришталар: “Ким?” деб сўрашарди. “Жаброил”, деб жавоб берарди. Улар: “Ёнингдаги ким?” деб сўрашарди. Жаброил алайҳиссалом: “Муҳаммад”, десалар, улар: “Шундайми? У Пайғамбар этиб юборилдими?” деб, эшикни очиб сўрашишарди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар осмонда бир пайғамбар ва кўплаб фаришталар билан кўришдилар. Шунингдек, жаннат ва дўзахнинг ҳолини кўрдилар. Сидратул-Мунтаҳога ўтиб, Аллоҳнинг малакут оламида кўпгина ажойиботларни кўрдилар. Ўшанда беш вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра ортга қайтдилар. Бўлган воқеани борича у зотнинг ўзлари Умму Ҳониъга айтиб бердилар: «Пайғамбарлар тўпландилар, уларга намоз ўқиб бердим», дедилар. Сўнгра масжидга чиқмоқчи бўлиб, ўринларидан турдилар. Умму Ҳониъ у кишининг кийимларига ёпишиб олди.У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенга нима бўлди?” дедилар. Умму Ҳониъ: “Агар бу хабарни айтсангиз, қавмингиз сизни ёлғончига чиқаришидан қўрқаман”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёлғончига чиқарса ҳам майли”, дедилар. Чиқиб бориб, Абу Жаҳлнинг олдига ўтирдилар ва Исро хабарини унга етказдилар. Шунда Абу Жаҳл: “Эй Бани Каъб ибн Луай жамоаси, бу ёққа келинглар!” деб бақирди. Сўнгра уларга бўлган гапни айтиб берди. Улар ҳайрон бўлиб, таажжубга тушишди. Бири қарсак чалса, бошқаси бошини ушлаб, ҳайронлигини билдирди. Имон келтирганлардан баъзилари диндан қайтиб, муртад бўлди. Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анхунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг: “У зот шу гапларни айтдиларми?” деб сўрадилар. Улар: “Ҳа”, дейишди. У киши: “Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга гувоҳлик бераман”, деди. Улар: “Шомга бир кечада бориб, яна тонг отмай туриб, Маккага қайтиб келишига ишонасанми?!” дейишди. Абу Бакр: “Мен у кишининг бундан ғаройиброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман”, деди. Шундан сўнг Абу Бакрни «Сиддиқ» - ўта тасдиқловчи деб атай бошлашди.
Одамларнинг ичида Байтул-Мақдисга борганлари ҳам бор эди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша ердаги масжид, яъни ибодатхонани сифатлаб беришларини талаб қилишди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга масжид кўрсатилди. У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга масжидни -ибодатхонани васф қила бошладилар. Улар: «Аммо васфини тўғри қилди. Сен бизнинг карвонимиздан хабар бер», дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг карвонидаги туялар сони, аҳволи ҳақида тўлиқ хабар бериб, ниҳоясида: «Карвон фалон куни қуёш чиқиш пайтида етиб келади. Олдинда кулранг туя бўлади», дедилар. Ўша куни ҳамма шаҳар четига чиқиб, карвон келишини кута бошлади. Улардан бири: “Мана қуёш ҳам чиқди”, деди. Бошқаси эса: “Мана, Аллоҳга қасамки, карвон ҳам кўринди. Олдинда, Муҳаммад айтганидек, кулранг туя келмоқда”, деди. Аммо шундай бўлса ҳам, улар имон келтиришгани йўқ. Исро ҳодисаси буюк мўъжиза эди. Буни билган одамлар имон келтиришлари лозим эди, аммо улар имон келтиришмади.
Исро ва Меърож воқеалари орқали Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий йўлбошчи эмас, бутун анбиёлар жамоасининг аъзоси эканларини эълон қилди. У киши бирор давлат ёки айрим халқлар учун юборилган раҳбар эмас, самовий таълимот орқали бутун дунёни икки олам саодатига бошловчи пайғамбарларнинг охиргиси эканларини эълон қилди. Исро ва Меърождан кейин Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини очиқ равишда турли қабилаларга таништиришни, уларни Исломга чорлашни бошлаб юбордилар.
Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг муҳим қисми Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Исро ва Меърожларига - уйғоқликларида жасадлари билан Байтул-Мақдисга боришлари, у ердан осмонга ва ундан Аллоҳ таоло хоҳлаган жойга чиққанларига ишонишдир. Шу боис бу кечанинг мусулмонлар учун аҳамияти катта. Бу кечада қазо намозлари, хусусан, ҳожат намозларини ўқиб, Аллоҳдан авфу мағфират ва ҳожатларни сўраш яхши ишлардан саналади.

2. Ва Мусога китобни бердик ва «Мендан ўзгани вакил қилиб олманглар!» деб уни Бани Исроилга ҳидоят қилиб бердик.
Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, Биз Мусо алайҳиссаломга Тавротни бердик ҳамда ўша Таврот китобини Бани Исроил эргашиши учун ҳидоят қилиб қўйдик. “Таврот” сўзи иброний тилида «таълим, шариат» маъноларини билдиради. Аллоҳ таоло томонидан пайғамбар Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган китобнинг номи Тавротдир. Уни «Тора» (қонун) ҳам дейишади. Оғзаки шаклда милоддан аввалги ХVI-XIV асрларда шаклланган, бешинчи асрда Фаластинда китобат қилинган. Аллоҳ таоло: «Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор» (Моида, 44), дейди. Таврот ўз эргашувчиларига ақида, ибодат, ахлоқ-одоб, кишилар ҳаётини бошқариб турувчи ҳукм-таълимотлар манбаи бўлган.

3. Эй Биз Нуҳ билан бирга кўтариб, нажот берган кишиларнинг зурриётлари, у кўп шукрли банда эди.
Қуръони каримдаги йигирма саккиз суранинг қирқ уч оятида Нуҳ алайҳиссалом ва у кишининг қавми ҳақидаги хабарлар зикр қилинган. Аллоҳ таоло у кишини пайғамбар қилиб юборган қавм куфр келтирган, турли ёвузликлар ва гуноҳ ишларга берилган одамлардан иборат эди. Нуҳ алайҳиссалом нодон қавмни тавҳид ва ҳидоятга бошлаш учун қанчалик уринмасин, жаҳолатга ботган қавм унинг даъватига қулоқ солмади, яратган Парвардигорини танишни истамади. Шунда пайғамбар “Бутун дунёда битта ҳам кофирни қолдирмагин!” деб илтижо қилишга мажбур бўлди. Аллоҳ кофир қавм устига машҳур тўфон балосини юбориб, барчаларини сувга ғарқ қилиб юборди. Фақат Аллоҳнинг амри билан Нуҳ алай-ҳиссалом ясаган кемада жон асраб қолган мўминлар, Нуҳнинг уч ўғли, келинлари ва жонзотлар тўфон балосидан қутулишгач, Ерда иккинчи бор ҳаёт кечириш учун кемадан тушишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кемага чиқарилган ана шу зурриётларга хитоб қилиб, Ўз пайғамбари Нуҳ алайҳиссаломнингўта шукрли бандаси эканини билдирмоқда. Аллоҳ таоло инсониятга юборган пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссалом тили ширин, сўзлари равон, ақли ўткир, ниҳоятда ҳалим, сабрли, кўп шукр қилувчи кишилардан эди. У таом учун ҳам, ичимлик учун ҳам, либос учун ҳам, бошқа неъмат ва яхшиликлар учун ҳам тинмай шукр айтарди. Ибн Можа “Нуҳ пайғамбарнинг рўзаси” бобида ушбу ҳадисни келтиради: “Абдуллоҳ ибн Амр розияллоху анҳумо шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: “Нуҳ алайҳиссалом умр бўйи рўза тутганлар. Фақат икки ийд кунларигина оғизлари очиқ бўларди”. Абдуллоҳ ибн Амрдан келтирилган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Нуҳ пайғамбарнинг ўғилларига қилган васиятларида “Сени икки нарсадан қайтараман ва икки нарсага буюраман”, деди ҳамда ширк ва кибрдан сақланишга, “Лаа илааҳа иллаллоҳ” билан “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азим”ни кўп айтишга буюрди” (Табароний ривояти).
Аллоҳ таоло Бани Исроилга Нуҳ алайҳиссаломнинг ўта шукрли бўлгани, унга имон келтирганлар ҳам ўта шукрли бандалар экани ҳақида эслатар экан, уларни ҳам Ўзининг берган неъматларига ҳамиша шукр айтишга чақирмоқда.

4. Китобда Бани Исроилга: «Ерда икки марта бузғунчилик қиласизлар ва қаттиқ туғёнга кетасизлар», деб баён қилдик.
Бани Исроилга ҳидоят қилиб берилган Таврот китобида уларнинг келажакда ер юзида икки марта бузғунчилик қилишлари, қаттиқ туғёнга кетиб, ҳаддан ошишлари ҳам хабар қилинган эди. Ҳақиқатан ҳам улар икки марта бузғунчилик қилишди ва бунинг учун ҳар гал Аллоҳнинг аламли азобига гирифтор бўлишди. Қуръондаги бу хабар уларни бузғунчиликка, туғёнга мажбурлаш эмас, балки Аллоҳ таолонинг чексиз илми туфайли билдирилган хабар эди. Бани Исроилнинг табиатини яхши биладиган Аллоҳ дунёдаги ҳар бир воқеани олдиндан билиб турадиган Зот экани учун ушбу хабарни ҳам аввалдан билган эди.
Тафсирчиларимиз ояти каримадаги «ер юзи»дан мурод Шом (Фаластин) замини эканини таъкидлашган. Насафий ва Хозин тафсирларида зикр қилинишича, Бани Исроил Шом заминида икки бузғунчиликни қилишди, булардан биринчиси Армиё пайғамбарни ҳибсга олиб, ҳазрати Закариёни қатл қилиш бўлди. Шунда уларнинг душманлари катта қўшин тортиб келди ва юртни вайрон қилиб, етмиш минг халқни ўлдирди.

5. Энди ўша иккисидан биринчисининг белгиланган вақти келганида устингизга катта куч-қудратга эга бандаларимизни юборамиз. Улар уйлар оралаб изғишади. Бу ваъданинг ижроси эди.
Бани Исроилга бошда Аллоҳ таоло томонидан катта куч-қудрат, салоҳият, беҳисоб неъмат ва имкониятлар берилди, улар Муқаддас заминга жойлашиб, катта салтанат эгаси бўлишди. Аммо улар бу неъматлар учун шукр қилиш ўрнига ўз табиатларига кўра Тавротда зикр қилинган бузғунчиликларининг биринчисини қилишди, яъни ҳазрати Закариёни ўлдирди. Бузғунчилик эса доимий давом этиши мумкин эмас, у жазосиз ҳам қолмайди. Аллоҳ таоло Бани Исроилнинг қилмишларига яраша муносиб жазосини юборди. Улар устига шафқатсиз ҳукмдор Жолут (баъзи манбаларда Найнаво ҳукмдори Санжориб дейилган) бостириб келди. Жолут аскарлари уйма-уй изғиб, дуч келган одамни ўлдиришди, зурриётларини асир олишди, табаррук юртлари Байтул-Мақдисни вайрон қилиб, ҳатто самовий китоблари бўлмиш Тавротни ҳам йўқ қилиб ташлашди.
Тарихдан маълумки, Бани Исроил ўзида куч-қудратни ҳис қилса, мақом-мартабаси кўтарилганини сезса, дарров бузғунчи-ликка ўтган. Бани Исроилнинг табиати шундай эди. Ушбу қавм Аллоҳнинг амрига итоат этмагани - Муқаддас ерга кирмагани учун Аллоҳ уларга бу муқаддас ерга киришни қирқ йилгача ҳаром қилиб қўйди. Муфассирларнинг айтишларича, яҳудийлар бу муддатда Сино яриморолидаги саҳрода 270 фарсахлик жойдан ташқарига чиқа олмай, адашиб, ҳайрон бўлиб, бир борган жойларига қайта-қайта бориб юраверишган. Ана шундай ҳайронлик ва сарсон-саргардонликда қирқ йил беҳуда кезиб юрди. Аллоҳ таоло уларнинг вақтларини ва ҳаракатларини баракасиз қилиб қўйди. Улар бир муддат юриб чарчар, дам олгани ухлашар, тонг отганда туриб қарашса, юришни бошлаган жойларига қайтиб келиб қолган бўлишар эди. Йўлни адаштириб қўймайлик деб белгилар қўйишарди. Аммо ҳар тонг пайти йўлга қўйилган аломатлар жойидан кўчиб қолганини кўришарди. Бу даврда мазкур гуноҳни содир этган нобакор авлод ўлиб битди. Саҳрода ўсган янги авлод пайдо бўлди. Яъни Аллоҳ тайин қилган муддат тугагунча аввалгилар муқаддас ерга кира олмай, ўлиб кетишди. Бу ҳам Аллоҳ азза ва жалла ваъдасининг ижроси эди, энди буни ўзгартириб ҳам, кечиктириб ҳам бўлмайди.

6. Сўнгра улар устидан ғалабани сизларга қайтардик ва сизга мол-дунё ва фарзандлар билан ёрдам бердик, ададингизни кўп қилдик.
Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтяптики, эй Бани Исроил, аламли азобимизни юборганимиздан кейин сизлар тавба-тазарру қилдингиз, ана шундан кейин душманларингиз устидан ғолибликни сизларга қайтардик, сиз яна душманингиз устидан ғалабага эришдингиз. Биз бу ишда сизларга ёрдам сифатида мол-дунёингиз, болаларингиз ва ададингизни кўпайтириб қўйдик. Нусратимиз ва мададимиз туфайли душманингиз устидан қайта ғалабани қўлга киритдингиз.
Тафсирларда ёзилишича, ўша воқеалардан юз йил ўтиб, Аллоҳ Бани Исроилга қайтадан зафар берди. Довуд алайҳиссаломнинг қўшинлари қўли билан Жолутнинг беҳисоб қўшинини ҳалок қилди. Аммо ношукр қавм бундан хулоса чиқармади, Аллоҳнинг нусратига шукр қилмади. Ниҳоят, Бани Исроил иккинчи бузғунчиликни қилди: Аллоҳнинг пайғамбари Яҳё алайҳиссаломни ўлдирди. Шундан кейин улар устига Бобил ҳукмдори Бухтиннассир катта қўшин билан бостириб келиб, юртни харобага айлантирди, минглаб одамларни қириб ташлади, ўғил-қизларини асир олди. Шундан кейин уларнинг салтанати кўп асрлар мобайнида қайта тиклана олмади.

7. Агар яхшилик қилсангиз, ўзингизга яхшилик қилган бўласиз, ёмонлик қилсангиз ҳам ўзингизгадир. Энди кейинги ваъда вақти келса, юзингизни шувут қилишлари, олдинги сафар кирганлари каби Масжидга киришлари ва эгаллаб олган ерларни вайрон қилишлари учун юборамиз.
Аллоҳ айтяптики, эй Бани Исроил, яхшилик қилсанглар ҳам, ёмонлик қилсанглар ҳам фақат ўзларингизга қилган бўласизлар. Кейинги бузғунчилигингиз ҳам жазосиз қолмайди: яна олдингидай сизларни шарманда қилиш, Масжид, яъни Байтул-Мақдисга бостириб кириб, босиб олган жойларини қайтадан харобага айлан-тиришлари учун яна сизларга душман саналган бандаларимизни юборамиз. Ушбу ояти каримада илоҳий адолатнинг ажойиб бир қоидаси баён қилинмоқда. Агар инсон бир яхшиликни қилса, унинг мукофотини ўзи олади, агар у бошқага бир ёмонлик қилса, унинг касри ҳам ўзига тегади. Ушбу қоида дунё учун ҳам, охират учун ҳам жорий этилган муҳим қоидадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларда у зот шундай таълим берганлар: “Сизни яхши ишларингиз қувонтирса, ёмон ишларингиз қайғуга солса, демак сиз мўминсиз” (Аҳмад ривояти); “Мўмин киши таъна қилувчи, лаънатловчи, бузуқ ишлар қилувчи, ёмон сўзлар айтувчи бўлмайди” (Термизий ривояти). Бу оятда ҳам Аллоҳ таолонинг Бани Исроилга нисбатан хитоби давом этмоқда. Аллоҳ таолонинг Бани Исроил ҳаддан ташқари туғёнга кетганида уларнинг устига катта куч-қувватга эга бандаларини юбориши тўғрисидаги ваъдаси тарихда бир неча бор ҳақиқатга айланган.

8. Шояд Парвардигорингиз сизларга раҳм қилса. Агар қайтсанглар, Биз ҳам қайтамиз. Дўзахни кофирлар учун зиндон қилиб қўйганмиз.
Яъни, энди ўтган воқеалардан ибрат олиб, ўзларингизни тузатсанглар, қилган бузғунчиликларингизга астойдил тавба қилиб, Аллоҳдан мағфират сўрасанглар, шояд Парвардигорингиз сизларга раҳм қилиб, гуноҳларингизни кечирса, сизларни азоблашни кечиктирса! Агар сиз ўзингизни билиб, туғёнга кетмай, бузғунчилик қилмай юрсангиз, Аллоҳ ҳам устингизга бало-азобларини юбормай туради. Агар сизлар туғёнга, ер юзида бузғунчилик қилишга қайтсангиз, Аллоҳ таоло ҳам сизларни азоблаш учун катта куч-қувватга эга бандаларини юборишга қайтади. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг бу ваъдаси ҳамиша рўёбга чиқиб турибди. Бани Исроил туғёнга кетиб, ер юзида бузғунчилигини кучайтириб юборса, уларнинг устига куч-қудратли “аскар”ларини юбормоқда. Бу каби ҳодисалар тарихда бир неча бор такрорлангани маълум ва машҳур. Булар дунё ҳаётининг жазоларидир, охиратнинг эса ўзига яраша ҳисоб-китоблари бор. Ер юзида бузғунчилик қилиб, инсоният бошига кулфатлар келтираётган золим қавмлар учун Аллоҳ азза ва жалла дўзахни зиндон қилиб қўяди. Улар мангу тутқунлик макони бўлган ўша зиндондан чиқа олмай, абадий азобда қолишади. Бани Исроилнинг ўзига ҳидоят қилиб берилган китоб - Тавротга амал қилмай, икки дунёда хорлик ва шармандаликка гирифтор бўлганининг баёни келганидан кейин инсониятга ҳидоят сифатида нозил қилинган ва икки дунё саодатига эришишни таъминлайдиган Китоб - Қуръони карим ҳақида сўз боради:

9. Бу Қуръон энг туғри йўлга ҳидоят қилади ва солиҳ амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга улуғ мукофот борлиги хушхабарини беради.
Қуръони карим инсонларни Аллоҳнинг йўлига йўллайди. Ушбу Китобга амал қилган ҳолда ҳаёт кечириб, солиҳ амалларни қилганларга охиратда Аллоҳ таолонинг улкан ажр-мукофотлари - абадий роҳатда яшаладиган жаннат боғлари ҳамда Парвардигорнинг розилиги ва жамоли борлиги хушхабари берилган. Аллоҳнинг ушбу Китоби жуда кўп ҳақиқатларга очиқ-ойдин ҳужжатдир. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг биру борлигига, ягона илоҳ ва Парвардигор эканига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар эканларига, ким у зотга эргашса, нажот топишига, ўзининг ҳақиқий илоҳий дастур эканига, унга эргашганларга икки дунё саодати йўлини кўрсатишига очиқ-ойдин ҳужжатдир. Қуръони карим Ислом динининг ҳақ дин бўлиб, барча замон ва маконга салоҳиятли эканига, қиёматгача боқийлигига, кишиларга икки дунё бахтини таъмин қилишига очиқ-ойдин гувоҳдир. Қуръони карим инсонларга Парвардигордан келган ҳидоятдир. У кишиларни залолатдан ҳидоятга бошлайди.У инсонларга Парвардигордан келган раҳматдир. Ҳам бу дунёда раҳматдир, ҳам у дунёда раҳматдир. Ҳар бир инсон ушбу очиқ ҳужжат, ҳидоят ва раҳматни нозил қилган Парвардигорга чексиз шукрлар айтиши лозим. Аммо одамлар ичида шукр айтиш у ёқда турсин, Қуръонга куфр келтириб, унинг оятларини ёлғонга чиқарадиганлар ва улардан юз ўгирадиганлар ҳам бор. Қуръони каримнинг ўзида бу ҳақда шундай зикр қилинади: “Ёки: "Агар бизларга ҳам китоб нозил крлинганида улардан тўғрирок, йўлда бўлардик", демаслигингиз учун энди Парвардигорингиздан очиқ-ойдин ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди. Аллоҳ оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгиргандан ҳам золимроғи борми? Оятларимиздан юз ўгирганларни яқинда ёмон азоб билан жазолаймиз” (Анъом, 157).

10. Охиратга имон келтирмайдиганларга аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз.
Самовий китобларнинг ҳаммаси ўз замонига мувофиқ ҳолда ўз аҳлларини муносиб яхши йўлларга чорлаб келган. Лекин Қуръони карим Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбарига нозил қилган сўнгги китоби бўлгани учун бутун инсониятни қиёматгача икки дунё саодатига элтувчи энг тўғри йўлга ҳидоят қилади. Ким унга имон келтириб, унда баён қилинган солиҳ амалларни қилса, унинг учун дунё ва охиратдаги улкан бахтнинг башоратини беради. Ким Қуръонга ва у огоҳлантирган охиратга имон келтирмай, инкор қилса, унга охиратда бериладиган аламли азобларнинг хабарини беради. Имонсизлик ҳақ йўлдан адашиш, Аллоҳга қилинган улкан итоатсизликдир. Тўғри йўлдан адашганлар асло мақсадларига ета олишмайди. Аввало, бу дунёда улар мақсадга эриша олмайдилар, чунки уларда имон йўқ, энг тўғри йўлга ҳидоят қилувчи Қуръон йўқ. Шунингдек, улар охиратда ҳам мақсадга эриша олмайдилар, бу ҳам уларнинг имонлари йўқлиги, энг тўғри йўлга ҳидоят қилувчи Қуръонлари йўқлигидандир. Оқибатда улар ўзларини турли йўлларга уришади, ҳавойи нафсларига қул бўлиб, шайтоннингтузоғига тушиб қолишади. Ўзларига нима фойдаю, нима зарарлигини била олмай, ғафлат ва надоматда ўтиб кетишади.

11. Инсон яхшилик тилаб дуо қилганидек, ёмонлик тилаб ҳам дуо қилади, инсон шошқалоқдир.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримаси орқали инсоннинг табиатидан хабар беради. Яъни имонсиз, Қуръон ҳидоятидан маҳрум бўлган ҳар бир инсон ўзини яхшиликка урганидек, ёмонликка ҳам ураверади. Чунки у нима яхшию, нима ёмонлигини ажрата олмайди. Шунингдек, яхшиликни тилаб дуо қилганидек, ўзи билмаган ҳолда ёмонликни тилаб ҳам дуо қилаверади. У, аввало, ёмонлик нималигини англаб етмайди, англаган чоғида ҳам ундан ўзини қайтара олмайди.
Ўтган ояти карималарда Нуҳ алайҳиссалом билан бирга қутқарилганлар, Мусо алайҳиссалом билан Бани Исроил муносабатлари, уларга Таврот берилиши, Қуръони карим ҳидояти каби маънавий мўъжизалар ва неъматлар ҳақида сўз кетганидан сўнг келгуси оятларда моддий мўъжиза ва неъматлар ҳақида сўз юритилади:

12. Кеча ва кундузни икки белги-аломат қилиб қўйдик. Кечанинг аломатини ўчирдик. Кундуз аломатини Парвардигорингиздан фазл талаб қилишингиз ва йиллар саноғини ҳамда ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Ва ҳар бир нарсани батафсил баён қилганмиз.
Қуръони каримнинг кўпгина сураларида кеча билан кундуз Аллоҳнинг ягоналигига, қудратига далолат қилувчи очиқ-ойдин аломатлардан экани қайта-қайта таъкидланган. Икковининг мунтазам равишда алмашиб туриши, бири кетиб, иккинчиси келиши, уларнинг ҳар биридаги алоҳида хусусиятлар ҳақида ҳам кўп зикр қилинган. Бу ҳақда чуқурроқ тафаккур қилган инсонгина ўзига кўплаб ибратлар олиши мумкин. Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳ кеча ва кундузни бандаларга ибрат ўлароқ икки аломат-далил қилиб қўйган. Яна кеча аломатини маҳв ҳам қилган. “Маҳв қилиш” иборасини уламоларимиз икки хил таъвил қилишган. Биринчисига кўра, «йўқотиш», «кетказиш» маъноларини билдиради. Яъни, «Қоронғи тушириб, нарсаларни кўринмайдиган қилиб қўйдик» деган маънони англатади. Иккинчи таъвилга кўра эса, «Кечанинг аломатини ҳамма нарсани йўқотиб, кўринмайдиган қилиб қўювчи қоронғиликлардан иборат қилдик» деган маъно келиб чиқади. Ушбу иккинчи таъвил умумий маънога уйғунроқ келади. Чунки кейинги жумлада: «Парвардигорингиздан фазл талаб қилишингиз ва йиллар саноғини ҳамда ҳисобини билишингиз учун...» дейилади. Ҳақиқатан, кечаси ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Шунинг учун инсон бу пайтда дам олади, ҳордиқ чиқаради, кундузи фаол бўлиш учун куч йиғади. Кундузининг ёруғида ҳамма нарсани кўрган инсон ишлаб, Парвардигорининг фазлидан ризқ-рўз ва бошқа нарсалар талаб қилади. Шунингдек, кеча билан кундузнинг алмашиб туришидан кун, ҳафта, ой, йил ва ваъда қилинган вақт кабиларни ҳисоблайди. Буларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг бандаларга берган неъматидир.
Маълумки, кундуз ҳамма нарсани кўрсатувчи бўлиб хизмат қилади. Бу катта мўъжиза бўлиши билан бирга, улкан неъмат ҳамдир. Буни англаш учун кундузсиз ҳаётни тасаввур қилиб, ўйлаб кўришнинг ўзи кифоя. Оятнинг ўзида ушбу неъматнинг ҳар қандай содда киши ҳам кўп ўйлаб ўтирмай ҳам англаб етадиган фойдаларидан баъзилари зикр этилмоқда. Бу дунёда тафсилоти Аллоҳ томонидан баён этилмасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйилган нарса йўқ. Ҳамма нарса, жумладан, кечаю кундуз ва уларга тегишли нарсалар ҳам батафсил баён қилинган. Шунингучун эй ожиз банда, кўзингни оч! Аллоҳ таоло сенга Ерни, тоғларни ва сувни ҳам неъмат қилиб берди. Кеча ва кундузни сенинг яхши ҳаёт кечиришинг учун белгилаб қўйди. Ҳеч бўлмаганда шулар учун Парвардигорингга шукрда ва итоатда бўл, У Зот ҳақида доимо яхши гумонда бўлгин!

13. Ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйганмиз ва қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китоб чиқарамиз.
Ҳар бир инсон яхшими, ёмонми - нима амал қилса, унинг амали ўзи билан бўлади, ундан асло ажрамайди. Қиёмат куни унинг бутун амаллари ёзилган очиқ китоб унга рўбарў қилинади. Куръони каримнинг ушбу оятида ана шу ҳолат баён қилиб берилмоқда. Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Аллоҳнинг Расули, инсон қабрга қўйилганидан кейин уни биринчи қаршилайдиган нарса нима?” деб сўрадим. “Эй Ибн Масъуд, буни сендан бошқа ҳеч ким сўрамади, фақат сен сўрадинг. Инсон қабрга қўйилганидан кейин Рўмон исмли бир фаришта қабрга кириб, “Эй Абдуллоҳ, амалларингни ёз!” дейди. У кимса: “Қандай ёзаман, қаламим ҳам, қоғозим ҳам бўлмаса?” дейди. Шунда фаришта: “Бу сўзинг қабул қилинмайди, сенинг кафанинг - қоғозинг, тупугинг - сиёҳинг, бармоқларинг эса қаламингдир”, дейди. Сўнг фаришта унинг кафанидан бир парча йиртиб беради. Ўша банда дунёда ёзишни билмаган бўлса ҳам у ерда барча савоб ва гуноҳини худди бир кунда қилгандек бир пасда ёзиб беради. Кейин фаришта шу ёзилган кафан парчасини ўликнинг бўйнига осиб қўяди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро сурасининг 13-оятини ўқидилар”.

14. Китобингни ўқи, бугунги кунда ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қиласан (деймиз).
Қиёмат куни бор инсонлар маҳшаргоҳга тўпланганида уларнинг бўйнига қилган амаллари ёзилган китоб, яъни номаи аъмоллари илиб қўйилган ҳолда Парвардигорларига рўбарў қилинади. Шунда Аллоҳ азза ва жалла бандасига хитоб қилиб, дунё ҳаётида қилган барча амалларинг карамли котиблар (фаришталар) томонидан ёзилган китобингни ўқи, унда барча яхши-ёмон қилмишларинг батафсил ёзиб қўйилган, энди сенга алоҳида бир ҳисобчининг кераги йўқ, ҳаммасини ўзинг ҳисоб-китоб қилиб топширасан, дейди. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Албатта, мен жаннат аҳлининг жаннатга охири кирадиганини ва дўзах аҳлининг ундан охири чиқадиганини биламан. Қиёмат куни бир киши келтирилади ва: «Унга ўзининг кичик гуноҳларини кўрсатинг ва ундан уларнинг катталарини кўтариб юборинг», дейилади. Шунда унга ўзининг кичик гуноҳлари кўрсатилади ва: «Бу ва буни, бу ва бу кунни биласанми? Бу ва буни, бу ва бу кунни биласанми?» дейилади. «Ҳа», дейди у. Инкор қилишга қодир бўлмайди, чунки у катта гуноҳларининг ўзига кўрсатилишидан қўрқиб турган бўлади. Шунда унга: «Албатта, сенга ҳар бир ёмонлигинг ўрнига яхшилик (бўлади)», дейилади. «Парвардигорим, ҳақиқатан мен бир қанча нарсаларни билардим. Бу ерда ўшаларни кўрмаяпман», дейди». Батаҳқиқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулиб, олд тишлари кўриниб кетганини кўрдим» (Муслим ривояти).

15. Ким ҳидоятга юрса, ўзи учунгина ҳидоятга юради. Ким залолатга кетса, ўзи учунгина залолатга кетади. Ҳеч бир юкли жон ўзганинг юкини кўтармайди. Токи пайғамбар юбормагу-нимизча азобловчи бўлмаганмиз.
Аллоҳ таоло жорий қилган адолат шуки, ким тўғри йўлда, ҳидоят йўлида юрса, бундан фақат унинг ўзига фойда бор. Бундайлар дунё ҳаётида осуда, хотиржам ҳаёт кечириши баробарида охиратда ҳам доғда қолмайди, азобга учрамайди. Аллоҳ таоло ваъда қилган жаннатларга, энг асосийси Парвардигорининг розилигига мушарраф бўлади. Ким залолатга кетиб, ҳақ йўлдан чалғиса, бунинг зарари ҳам унинг ўзигадир. Бундайлар дунёда зиён кўришгани каби охиратда ҳам катта зарарга учрашади. Уларнинг жойи мангу қийноқ маскани дўзахда бўлади. Бундайларнинг зиёни фақат ўзига қайтади. Бундан Аллоҳ таолога ҳеч қандай зиён етмайди. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини тутган даъватчиларга ҳам зарар етмайди, зарар фақат залолатга кетган шахснинг ўзигагина етади. Яна Аллоҳнинг адолати шундаки, ҳеч бир кимса бошқа бировнинг гуноҳлар юкини елкасига олмайди, унга ёрдам кўрсатмайди. Ҳар бир киши гуноҳларининг бор оғирлигини фақат ўзи кўтаради. Аллоҳтаоло айтяптики, инсонга ақл-фаросат берганимиздан кейин дунёдаги қудратимизга, кибриёимизнинг улуғлигига даолат қилувчи мўъжизаларга қараб тўғри йўлни танлашни, Бизга имон келтиришни, ибодат ва итоатни мажбурий қилиб, бажарилмаганида жазолашни жорий қилсак, бунга ҳаққимиз бор эди. Аммо Биз бундай қилмадик, бандаларимизга раҳм қилдик. Мазкур нарсалар устига яна огоҳлантирувчи, эслатувчи пайғамбар юборишни ҳам ирода этдик. Пайғамбар огоҳлантирганидан кейин ҳам имон ва Ислом йўлини танламаганларнигина азоблашга аҳд этдик. Пайғамбар ва унинг даъвати етмаганларни эса азобламасликка қарор қилдик.

16. Бирор шаҳарни ҳалок этишни хоҳласак, унинг маишат-парастларини (итоатга) буюрганимизда улар у ерда фосиқлик қилишгач, ўша шаҳар устига «сўз» муқаррар бўлади. Энди уни ер билан яксон қиламиз.
Яъни, бирор мамлакат ёки минтақа халқига пайғамбарларимиз воситасида хукмларимиз етказилсаю, барчалари бундан яхши хабардор бўлишса, хусусан юртнинг амирлари ва обрўли кишилари ҳаммасини тўла тушуниб туришсада, амрларимизга исён қилишса, жорий қилган шариатимизга қарши чиқишса, ана шунда бутун мамлакат бутунисича ўзларини илоҳий азобга сазоворликларини эълон қилган бўлишади. Қайси бир мамлакатнинг амиру казо-казолари айш-ишратга мубтало бўлса, Парвардигорнинг ҳукмларини жорий қилиш ўрнига улар поймол қилинса, ўша мамлакат ўзини ҳалокатга чоғлаган бўлади, тезда юрт бошига Аллоҳнинг қаттиқ азоби келади. Аллоҳ таоло якка шахсларни бекордан-бекорга азобга гирифтор қилмайди. Шунингдек, айрим шаҳар-юртларни ҳам сабабсиз вайрон этмайди. Бало ва офат ўша юрт аҳолисининг гуноҳлари, фисқу фужурлари туфайли бўлади. Ҳар бир юртнинг маишатпарастлари, яъни маишатга, айш-ишратга, исроф ва бузуқликка муккасидан кетганлари бор. Улар юртнинг ашрофлари, катта мансабпарстлар, ноз-неъматга, фаровонликка ғарқ бўлган одамлар тоифасидир. Ўша маишатпарастларнинг ихтиёрида мол-дунё, ноз-неъматдан ташқари, яна ҳукму амал, хизматчилар ва бошқа имкониятлар бўлади. Улар нимани хоҳласа, шуни қилаверади, дунёда фақат бизнинг айтганимиз бўлиши керак, деган фикрга бориб қолади. Фазилат, ахлоқ, инсоф, муқаддас нарса, гуноҳ-савоб каби тушунчалар уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Кўнгиллари тусаган ишни қилишга ўрганиб қолишади. Кўнгиллари эса доимо фисқу фасодни, ҳаром маишатни тилайди. Аъёнлари шу даражага етишига томошабин бўлиб турган халқдан ҳам яхшилик кутилмайди. Бундай халқ ҳалок бўлишга юз тутади.
Бу ояти каримани машхур муфассир саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анхумо бошқачатаъвил қилганлар. «Маишатпарастлари-ни (итоатга) буюрганимизда...» жумласида қавс ичида тушунтириш учун келтирилаётган (итоатга) сўзининг оятда йўқлиги ва «амарна» феълини «аммарна» деб ўқиш мумкинлигидан у киши «маишатпа-растларини амир қиламиз» деган маънони чиқарганлар. Яъни, ушбу оятдан «Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпа-растларини унга амир - бошлиқ қилиб қўямиз. Ана энди улар амир бўлиб олиб, фисқу фасодни авжга чиқарадилар ва оқибатда ўша юртга азоб ҳақ бўлади» деган маъно келиб чиқади. Ҳаётий тажрибада юқоридаги икки таъвил ҳам учрайди, шунинг учун бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади.

17. Нуҳдан кейин қанча умматларни ҳалок қилдик. Бандаларининг гуноҳларидан хабардор бўлиш ва уларни кўришга Парвардигорингизнинг Ўзи кифоя қилади.
Одам алайҳиссалом билан Нуҳ алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари орасидаги асрларда барча халқлар Аллоҳнинг ягона динида эдилар. Кейин ширк ва бутпарастлик бошланиб кетди. Инсонлар Аллоҳнинг тавҳидидан чекиниб, мушриклик йўлига кириб кетганидан кейин Парвардигор бу манфур ишларинингжазосини бериш учун улар бошига турли бало-офатларни юбора бошлади. Қавмларни ҳалок қилиш айнан Нуҳ алайҳиссалом қавмларидан бошланди. Яъни фисқу фасодга берилиб, бузгунчилик қилган қавмларнинг ҳалокатга учраши бугун пайдо бўлган янги иш эмас, бундай ҳолат инсоният тарихида ҳамиша бўлиб келган. Аллоҳтаоло огоҳлантиряптики, Нуҳ даврида фисқу фасод туфайли барча одамларни ғарқ этиб, фақат Нуҳ ва унга имон келтирганларни сақлаб қолган эдик. Аммо Нуҳдан кейинги асрларда ҳам гуноҳкорларни ҳалок этиб келдик. Чунки қаерда гуноҳлар кенг тарқалса, ўша ернинг аҳолиси ҳалокатга учратилади. Бандаларининг барча қилмишлари, гуноҳ ва осийликларини кўриш ва назорат қилишга бошқа гувоҳ ёки кузатувчининг зарурати йўқ, буларнинг барига Парвардигорнинг ўзи кифоя қилади.

18. Ким дунёни истаса, истаган кишимизга ундан хоҳлаган нарсамизни тезда берамиз. Сўнгра унга дўзахни ҳам берамиз, унга хору залил ҳолида кириб ёнади.
Ким бу дунёда тўкис ва фаровон ҳаётни ўйлаб, охират ҳақида қайғурмайдиган бўлса, Аллоҳ таоло бундай кимсаларнинг оқибати аянчли бўлганидан уларга дунё матоҳларидан Ўзи истаганича бериб қўяди. Улар Аллоҳ таолонинг ушбу синовини ўзларига кўрсатилган марҳамат ва сийлов сифатида қабул қилиб, охират ҳақида ўйламай қўйишади. Аллоҳ суйганидан ўзларига неъматларни тўкис бериб қўйган, деб ўйлашади. Мана шу нарса уларни ғафлатда қолдиради, дунё ҳаётини ўйин-кулги, айш-ишрат, хурсандчиликлар билан совуриб юборишади. Охиратга қуруқ қўл билан бориб, Аллоҳнинг ғазаби ва азобига учрашади. Бошқа нарсани хоҳламай, ушбу ўткинчи, беш кунлик дунё учун яшамоқчи бўлса, Аллоҳ унга бу дунё насибасини шошилинч тарзда беради. У киши бу дунёда керакли нарсасига тезда эришиб олади. Аммо охиратига ҳеч нарса қолмай-ди. Бундайлар дунё ҳою-ҳавасларига берилиб, шаҳват ва лаззат ортидан қувишади, ҳаётларини гуноҳ қилиш билан ўтказишади. Энди қораланган, хор бўлган ҳолларида дўзахда ўша гуноҳларига яраша азоб чекадилар.

19. Ким охиратни истаса ва унга эришиш учун мўмин бўлган ҳолида керакли ҳаракатини қилса, бас, ана ўшаларнинг ҳаракатлари мақбулдир.
Аллоҳ таоло айтяптики, кимнинг талаби мақсуди охират бўлмай, дунёнинг ўзгинасини истаса, шундай ҳимматсизларнинг ҳар бирига хоҳласак, дунё матоҳидан истаганини бериб қўямиз. Токи у фоний, йўқ бўлиб кетувчи дунёнинг лаззатлари ва неъматларига ғарқ бўлиб, умрини масту аластликда, ғафлатда ўтказиб юборсин. Кейин Биз бундай кимсаларни дўзах оловига ташлаймиз. Аммо қай бир банданинг муроди икки дунё саодатию охират ташвиши бўлса, ўзи имонли бўлиб, охиратга солиҳ амаллар билан тайёрланиб борса, бундайларга кўзни қувонтирувчи гўзал неъматларни тайёрлаб қўйганмиз. Улар боқий яшаладиган жаннат боғларида роҳат-фароғат ичра бўлишади. Демак, охират саодатига эришиш учун фақат уни исташ, хоҳлашнинг ўзи кифоя қилмайди. Уни қўлга киритиш учун истак билан бирга имон ва жиддий ҳаракатлар, яхши амаллар ҳам зарур экан. Истак билан бирга, энг аввало, имон керак, усиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Истак ва имон бўлса-ю, керакли саъй-ҳаракат қилинмаса, бундан ҳам кутилган натижа чиқмайди. Демак, охират саодатига эриштирувчи барча ишларни ҳам амалга ошириш керак. Яъни, инсон охиратда яхши натижага эриштирадиган ишларни қилиши, охиратда дўзахга дучор этадиган ишларнинг яқинига йўламаслиги лозим бўлади ва шу йўл билан Аллоҳ таолонинг розилигига мушарраф бўлади.

20. (Эй Муҳаммад), барчага - манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Парвардигорингизнинг атоларидан берамиз. Парвардигорингизнинг атолари чекланган эмас.
Аллоҳ таоло бу дунё неъматларини ҳаммага баравар бераверади. У ҳамманинг ризқ берувчисидир. Бергани билан хазинаси ёки неъматлари камайиб қолмайди. Ёки бировга берса, бошқасига етмай қолмайди. Аллоҳ азза ва жалла неъматларини мўминга ҳам, мушрик ё кофирга ҳам, бойгаю камбағалга ҳам, эркагу аёлга ҳам, кексаю ёшга ҳам бирдай бераверади. Барча бандаларга, яъни охиратни истаган, имонга келиб, ибодатда бардавом бўлган, бу йўлда керакли саъй-ҳаракатларни қилганларга ҳам, дунёни истаб, имонга келмаган, исён қилиб, гуноҳкор бўлиб юрганларга ҳам Парвардигорнинг атою неъматлари тўла-тўкис берилаверади. У Зотнинг ато ва неъматлари асло чекланган эмас. Ҳамиша барчага бир маромда бериб келинган. Аммо бу дунёнинг бутун матоҳи Аллоҳнинг наздида чивиннинг қанотичалик эмас. Асл саодат бу дунё неъматларига эришишда эмас, охиратда нажотга эришиш ва Аллоҳ таолонинг розилигини топишдадир.

21. Баъзиларини баъзиларидан қандай афзал қилиб қўйганимизга назар солинг. Аммо охират даражалари каттароқ ва афзалроқдир.
Дунё ҳаётида мол-дунё, иззат ва мартаба, катта мансаблар, бола-чақа каби имтиёзлар эътибори билан бандалар бир-бирларидан фарқланишади. Охиратда эса дунё ҳаётининг бу матоҳлари ва зийнатлари сариқ чақага арзимай қолади, у ерда бу нарсалардан ҳисобга тортилмайди. Охиратда бандалардан сўраладиган асосий нарса - Аллоҳга, Унинг пайғамбарлари ва китобларига, ўлгандан кейин қайта тирилишга бўлган имонлари, қилган солиҳ амаллари, Аллоҳдан қўрқувлари ва Унга таваккуллари бўлади. Бу дунёда баъзи одамларга кўпроқ неъмат тегса, бошқаларидан афзал бўлиб юраверадилар. Аммо бу ҳоллари ҳақиқий афзаллик, ҳақиқий юксак мартаба эмас. Аслида охиратнинг даражаси ва афзаллиги ҳақиқийдир. Чунки бу даража ва афзалликлар абадий қолажақцир. Ўзини билган одамлар ана шу афзаллик ва даражаларга эришиш учун ҳаракат қиладилар.

22. Аллоҳга яна бирор “илоҳ”ни қўша кўрманг, акс ҳолда қораланиб, маҳрум ҳолда ўтириб қоласиз.
Исломнинг бутпарастликдан ва аҳли китоблардан фарқи тавҳидни ўзига шиор қилиб олишидадир. Исломни машҳур қилган нарса ҳам унинг бир тавҳид дини эканидадир. Чунки Аллоҳга ширк келтирмаслик, тавҳид ақидаси барча ишларнинг бошидир. Оятда мана шу асосий масала ҳақида сўз боради, Аллоҳга асло ширк келтирмаслик қаттиқ тайинланди. Шу билан бирга, ширк келтиришнинг оқибати нима бўлишидан огоҳлантириб ҳам қўйилди. Ким Аллоҳга ширк келтириб, Ундан ўзгани илоҳ деб эътиқод қиладиган бўлса, мазамматга учраб, чорасиз ўтириб қолиши, ёрдамчи топа олмаслиги эслатиб қўйилди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: Ким Парвардигорига рўбарў бўлишни умид қилса, солиҳ амал қилсин, Парвардигорига ибодатда ҳеч кимни шерик ҳилмасин» (Каҳф, 110). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳтаоло Исро сурасининг юқоридаги ўн беш оятига Тавротнинг жамики ахлоқий таълимини жойлаштирган. Буларнинг энг муҳими Аллоҳга ҳеч бир нарсани шерик қилмаслик, мушриклар ҳамма ерда мазаммат қилиниши, уларга охиратда бирорта мададкор ёки дўст бўлмаслиги башоратидир.

23. Парвардигорингиз фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни буюрди. (Эй инсон), агар хузурингда уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳам кексалик ёшига етишса, уларга «уфф» дема, уларни жеркима ва уларга ёқимли сўз айт!
Олдинги оятда Аллоҳга ширк келтиришдан қайтарилган бўлса, бу оятда ягона маъбудга - Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга, шундан сўнг ота-онага яхшилик қилишга буюрилмоқда. Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир, ким буни бажарса, улкан савобга эришади, ким инкор қилгудай бўлса, қаттиқ гуноҳга ботади. Аллоҳ таолонинг аввал Ўзига ибодат қилишга, шундан кейиноқ ота-онага яхшилик қилишга буюришининг чуқур ҳикмати бор. Парвардигор бу билан ота-онага яхшилик қилишни, меҳрибонлик кўрсатишни ибодатга тенглаштирмоқда. Савоб ва гуноҳда иккиси бир мақомда эканини таъкидламоқда. Ҳузурингизда хоҳ отангиз, хоҳ онангиз ёки икковлари тенгдан кексайиб қолишса, уларга ҳар томондан ёрдам кўрсатиш, хизматларини қилиб, дуоларини олиш, бир иш буюришса ёки танбеҳ беришса, “уфф” демаслик, уларга фақат яхши, ёқимли сўзларни айтиш, жеркимаслик, дилларини оғритмаслик фарзанднинг муҳим бурчидир. Худо кўрсатмасин, уларга “оқ” бўлиш гуноҳларнинг энг улканидир. Ҳадисларда айтилишича, ота-онасига “оқ” бўлган бола жаннат юзини кўрмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ота-онасига “оқ” бўлган кимсани Аллоҳ лаънатлайди” (Ҳоким ривояти).

24. Уларга меҳрибонлик билан хокисорлик қанотини паст тут ва: «Парвардигорим, мени гўдаклигимда тарбия қилганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин», деб айт.
Фарзанд ота-онага қанча яхшилик қилмасин, ўзининг дунёга келишига сабабчи бўлган зотларнинг мукофотини ҳеч вақт қайтара олмайди. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Бола отаси мукофотини қайтара олмайди, фақат отаси қуллик азо-бида юрган бўлсаю фарзанд уни сотиб олиб озод қилсагина мукофотини қайтарган бўлиши мумкин". Улуғларимиздан бири эса бундай дейди: "Аллоҳ таолога шукр қилиш беш вақт намоз ўқиш билан бўлади, ота-онага шукр қилиш ҳар куни беш марта уларни дуо қилиш билан бўлади".
Абу Бакр Баззорнинг Бурайда розияллоҳу анҳудан, у киши оталаридан қилган ривоятда қуйидагилар келтирилган: «Бир одам ҳажда онасини кўтариб юриб, тавоф қилдираётган экан. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу билан онамнинг ҳаққини адо қилдимми?” деб сўрабди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, (сени туғаётганда) бир “оҳ” тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ”, деган эканлар». Инсон яхшиликни қайтаришга ожиз бўлса, унинг учун дуо қилиши керак. Дуо охиратга захира бўлади. Ота-онанинг ҳаққига дуо қилиш эса гўзал вафодорликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида одам вафот қилгач, унинг барча амали тўхтаб, фақат уч нарсадан савоб етиб туриши айтилган ва улардан бири солиҳ фарзанднинг дуосидир.

25. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз дилларингиздаги нарсаларни яхши билувчидир. Агар яхши бўлсанглар, У кўп тавба қилувчиларга мағфиратлидир.
Аллоҳ таоло бандаларининг дилларидан кечадиган ҳар бир нарсани билувчи Зотдир. Кимдир ибодат қиладию аммо одамларга зулм ҳам қилиб қўяди. Кимдир бировнинг ҳаққини ўзлаштириб зулм қилади-да, гуноҳига тавба қилса ҳам мазлумни топиб, рози қилмагани учун охиратда барибир жазоланади. Тавба қилган бўлса-да, қилган зулми учун мазлумни рози қилмаганларни Аллоҳ таоло ана шундай жазолайди. Саид ибн Мусайяб ушбу оят ҳақида шундай дейди: “Бу оят гуноҳ қилган, сўнг гуноҳига тавба қилган, кейин яна гуноҳга йўл қўйиб, гуноҳига тавба қилган киши хусусидадир”.
Оятдаги “кўп тавба қилувчилар” деб таржима қилинган “аввабийн” сўзи бир неча маънони ифодалайди. Луғатда «кўп талаб этувчилар» маъносини ҳам англатади. Шомдан кейин ўқиладиган нафл намози ҳам “аввабийн” деб аталади. Бу намоз шом намозидан кейин икки, тўрт, олти ракат адо этилади. Аввал тўрт, кейин икки ракат ёки икки ракатдан қилиб, жами олти ракат ўқиш кенг тарқалган.
Имом Табароний Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким шомдан кейин олти ракат ўқиса, гуноҳлари мағфират қилинур, агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам», дейилган.

26. Қариндошга, мискинга ва ночор мусофирга ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!
Ислом дини инсонларни жамиятдаги барча қатламларга бирдай муносабатда бўлиш, қариндош-уруғлар, турмушда қийналиб қолган фақир ва мискинлар, ўзи юртида бой киши бўлса ҳам сафарда иқтисодий жиҳатдан ночор ҳолга тушиб қолган йўлчиларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишни, эҳсон ва садақалар беришни буюради. Қуръони карим фақат ота-онанинг фарзанддаги ҳаққини баён қилибгина қолмай, қариндошларнинг ҳам бир-бирларида ҳақлари борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларнинг ҳаққи бор. Бу ҳақларни адо этиш эса Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ўзига У зот томонидан ато қилинган неъматларнинг шукрини адо этиш омили ҳамдир. Аммо бу ишларда исрофга бориш мутлақо ярамайди, чунки исрофгарчилик жамиятларда, хонадонларда тангчилик ва етишмовчиликларни келтириб чиқаради. Ислом таълимотига кўра, исрофгарчилик ноҳақ, ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Исрофнинг чегараси катта: маърака-маросимларни тежамсиз ўтказиш ҳам исроф, электр, газ, сув, ёнилғи каби турмуш қулайликларини ортиқча ишлатиш ҳам исроф, вақтни, умрни бефойда ўтказиш ҳам исроф, фойдасиз ишлар билан шуғулланиш ҳамда соғликнинг қадрига етмаслик ҳам исрофдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай таълим берганлар: “Сени икки нарса - фахрланиш ва исроф хатога бошлайди, шундан эҳтиёт бўл”. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ”, деганлар.

27. Исрофгарлар шайтонларнинг биродарлари бўлишган. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр бўлган.
Аллоҳ таоло инсонларга жуда кўп неъматларни ато этиб қўйган. Банданинг вазифаси Аллоҳ берган бу неъматларнинг шукрини қилиш, уларни тежаб-тергаб, исроф қилмай ишлатиш, Парвардигорнинг берганига рози бўлишдир. Эҳтиёждан ортиқ еб-ичишни баъзи уламолар ҳаром дейишган бўлса, айримлари макруҳ санашган. Қуръони каримда исрофнинг мазаммат қилинишига сабаб, Аллоҳ неъматларидан қай тарзда фойдаланганимиз, уларни қаерга сарфлаганимиз, шукрини қандай қилганимиз ҳақида охиратда савол-сўроққа тортиламиз. Шунинг учун ушбу неъматларни ато этиб қўйган Аллоҳ азза ва жалла бандаларини уларни исроф қилмасликка чақиради: “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон ҳилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам ҳилишмайди, (тутган йўллари) бунинг ўртасида - мўътадилдир” (Фурқон, 67). Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сени икки хислат - фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар» (Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар».

28. Агар Парвардигорингиз раҳматидан умидвор ҳолда улардан юз ўгирадиган бўлсангиз, уларга мулойим сўз айтинг.
Айтайлик, сиз Аллоҳнинг раҳмати ва марҳаматидан умидворсиз, шунда ҳузурингизга бир муҳтож киши ниманидир сўраб келиб қолди. Шунда сиз унга қандай муомала қиласиз? Айримлар “Ҳозир ўзим муҳтож бўлиб турибман-у яна нарса сўрайсан, сенга берадиган ҳеч нарсам йўқ, ҳадеб меникига келаверасанларми?” деб сўровчининг дилини оғритиб жўнатишади. Аллоҳтаоло айтяптики, «Қўлингда берадиган ҳеч нарсанг бўлмаса, ота-она, қариндош, мис-кин ва йўлда қолганларга моддий ёрдам бера олмай, хижолатликдан юз ўгирадиган бўлсанг, Парвардигорингдан келажакда сенга ҳам ризқ-рўз - раҳмат талаб қилган ҳолда уларга ширин сўз айт». Биз, мўминларга “Намозда қалбингни, кўчада кўзингни, инсонлар орасида тилингни, дастурхон олдида ҳалқумингни асра” деб тавсия қилинган. Саид Шарифнинг “Таърифоти”да ёзилишича, таъ-на ва койишга сабаб бўладиган нарсалардан сақланиш ва уларни қилмаслик ҳаёдир”. Инсонлардан ҳаё қилмаган одам уларга қўпол муомалада бўлади, қаттиқ сўз айтади, дилларини оғритади. Уларни ноумид қайтаргандан кўра, «Кечирасизлар, ҳозир бир оз қўлим қисқароқ бўлиб турувди, Аллоҳнинг раҳматидан умидвормиз, бизга ҳам неъматидан бериб қолса, иншааллоҳ, сизларга ҳам берамиз» қабилидаги ширин сўзлар айтиш керак.

29. Кўлингизни бўйнингизга боғлаб олманг, уни бир йўла ёзиб ҳам юборманг. Акс ҳолда маломат ва надоматда қоласиз.
Эй инсонлар, бахиллик билан қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг, яъни очиққўл бўлинг. Исрофгарчилик қилиб қўлингиз-ни бирваракайига ёзиб ҳам юборманг. Шундай қилсангиз, одамларнинг маломатига қоласиз, бор нарсангиздан маҳрум бўлиб, афсус-надомат чекасиз. Дарҳақиқат, бахиллик қанчалик ёмон иллат бўлса, бор нарсасини исроф қилиш, уни беҳуда сарфлаш ҳам шунчалик ёмон хислатлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳисса-ломнинг “Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди” (Термизий ривояти) деган муборак ҳадислари бор. Минг афсуски, баъзи оилалардан динимизнинг бу кўрсатмалари унутилган ёки уларга унча эътибор берилмайди. Натижада бундай оилаларда етишмовчилик, танқисликлар ва бундан келиб чиқадиган кўнгилсизликлар авжга минади, тотувлик ва меҳр-оқибат йўқолади. Айрим оилалар-да йиллар давомида катта машаққатлар, ўзини тийиб-қантаришлар билан тўпланган маблағни ном чиқариш учун, обрў қозониш мақсадида бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга сарфлаб юбориш ҳолатлари ҳануз давом этяпти. Аслида бу пуллар таниш-нотаниш одамлар бир кунда еб кетадиган зиёфатларга, ортиқча ҳою ҳашамларга эмас, оила фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси учун ишлатилгани яхши бўларди. Бундай дабдабали, кераксиз тўй ва маросимлар ҳар қанча чиройли кўринмасин, одамлар нима деб мақтанмасин, аслида катта исроф саналади. Бунинг ортида ҳеч қандай яхшилик йўқ. Аксинча, саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинганидек, исрофгар асло жаннатга кирмайди.
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Бир бола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Онам сиздан фалон-фалон нарсаларни сўратиб юборди”, деди. У зот “Бугун бизда берадиган ҳеч нарса йўқ”, дедилар. Бола: “Ундай бўлса, онам сиздан кўйлагингизни менга кийдиришингизни сўради”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини унга ечиб бериб, ўзлари яланғоч қолдилар (Бошқа ривоятларда келишича, шу сабабли ўша куни жамоат намозига ҳам чиқа олмадилар). Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бахиллиқцан, дангасалиқцан, абгор ҳаётдан, қабр азобидан, Дажжолнинг фитнасидан ҳамда ҳаёт-мамот фитнасидан Сенинг паноҳингга қочаман», деб дуо қилар эдилар» (Бухорий ривояти).

30. Парвардигорингиз хоҳлаган кишига ризқни кенг ҳам, тор ҳам қилади. У бандаларидан хабардор, кўриб турувчи Зотдир.
Аллоҳ азза ва жалла фақат Ўзи биладиган ҳикматга кўра бандаларидан хоҳлаганига кенг-мўл ризқ ато этиб қўяди, баъзиларининг эса ризқини тангтор қилиб қўяди. Парвардигор шу йўл билан ҳам инсонларни синовга солади. Ризқи мўл бўлганида шукр айтадими, ризқи камайиб қолганида Аллоҳнинг тақдирига кўниб, сабр қиладими, мана шу ҳолатларни кузатиб, кўриб туради. Аслида инсон учун ҳаёт машаққатларини енгишнинг асосий омилларидан бири ризқнинг Аллоҳ томонидан берилиши, унинг сабабларигина бандага ҳавола этилганини яхши англаб олишдир. Аммо минг таассуфки, кўпларимизнинг ризқ ҳақидаги тасаввур ва қарашларимиз бузилиб кетган. Кимлардир куни яхши ўтмаётганидан зорланади, ома-ди йўқлигидан шикоятлар қилади, рўзғорида озгина етишмовчилик пайдо бўлиб қолса, дарров “оҳвоҳ” қилишга ўтади. Бошқа бировлар эса бутун кучи, салоҳияти, вақти ва имкониятларини “яхши ҳаёт кечириш” номли таги йўқ ғояга қурбон қилиб юборади. Аммо ризқ ҳақидаги илоҳий таълимотлардан хабардор кишилар ризқнинг энг буюк Раззоқ томонидан келишини, инсонлар эса унинг талабида ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилишлари зарурлигини чуқур англаб олишган. Улуғ Раззоқ эса одамлардан тортиб фил ва бегемот каби энг улкан махлуқларгача, майда ҳашаротлардан тортиб, кўкда парвоз қилиб юрган саноқсиз қушларгача, уммонларда сузиб юрган улкан китлардан миллиардлаб энг майда балиқларгача - жамики махлуқотни ризқ билан таъминлаб қўйганини яхши билишади.
Фақат инсонларнинг ношукрлари, нодонлари ато қилинган ризққа рози бўлмай, ўзларини ҳар ёнга уришади. Ҳалол йўл билан ризқ ахтариш ўрнига турли қинғирликларга, ҳаром ишларга кўл уришади. Тирикчилик йўлида бошқаларни алдашади, ҳаққига хиёнат қилишади, алдов ва зулм йўли билан мулкини тортиб олишади. Ўтаётган кунларига қаноат қилмай, “фаровон ҳаёт” илинжида турли ўлкаларга ризқ излаб кетишади. Ёки “ризқ ўзи келадиган бўлса, ишлаб нима қиламан” деб ўйлайдиган айрим нодонлар каби хотинларини ишга солиб қўйиб, ўзлари диванда телевизор кўриб ётишдан бошқасига ярамайдилар. Бола-чақаларининг нафақаси, яъни таъминотини ишлаб топиш ўзларининг бурч ва мажбуриятлари экани ҳақида бош қотирмай қўядилар. Ризқ масаласини яхши тушуниб олмаганлар мана шундай ҳолатда - ҳали у томонга, ҳали бу томонга ташланиб, ҳаётларини мураккаблаштириб оладилар.

31. Фақирликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир.
Жоҳилият замонидаги арабларда фақирлик ва очликдан қўрқиб, фарзандни тириклай кўмиб юборишдек мудҳиш бир одат бор эди. Ҳозирги замон жоҳилиятида ҳам очлик ёки кўп сарф-харажатдан қочиб, умуман фарзанд кўрмаслик одати кенг тарқалган. Бундай қилиш, аввало улкан гуноҳ, Аллоҳнинг Раззоқ (ризқ берувчи) эканига имон келтирмасликдир. Қолаверса, унинг илдизи эътиқоднинг бузуқлигига бориб тақалади. Аллоҳга имони йўқ ёки бузуқ ақидадаги, Аллоҳ ҳаммага ризқ беришга қодирлигини инкор этадиган одамгина фақирликдан қўрқиб, ўз болаларини ўлдириши мумкин. Камбағаллик туфайли боқа олмасликдан қўрқиб болалардан қутилиш ҳақидаги Қуръон оятлари икки кўринишда келади: «Камбағаллашишдан кўркрб болаларингизни ўлдирманглар. Сизларга ҳам, уларга ҳам Биз ризк, берамиз» (Анъом, 151). «(Эй инсонлар), болаларингизни йўҳчиликдан ҳўрқиб ўлдирманглар, уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ўзимиз ризк, берамиз» (Исро, 31). Бу ердаги фарқ оддийгина эмас. Ган шундаки, биринчи оятда ҳозирги пайтда ҳеч қандай егулиги бўлмагани учун боладан халос бўлишни, яъни туғмасликни истаётган камбағалга мурожаат бор. Шунинг учун Қуръони карим аввал «сизларни ҳам ризқлантирамиз» деяпти, яъни аввал ўзингизга ризқ берамиз, кейин «уларга ҳам», яъни туғилажак болага ҳам ризқ берамиз, деяпти. Иккинчи оятда эса ҳолат бошқачароқ. Ҳозир эр-хотиннинг егулиги бор, аммо оила катталашса, уни қандай боқишдан қўрқишади. Шунинг учун Қуръон биринчи бўлиб «уларга ҳам ризқ берамиз», дейди. Яъни қўрқманглар, болалар туғилса, уларга ризқини берамиз, сизникини камайтирмаймиз ва «сизларга ҳам ризқ берамиз», деб қўшимча қилмоқда. Бундай меҳрибонликни инсон ёзган бирорта китобда учратмайсиз. Болани ўлдирмаслик ҳақидаги амрдан сўнг зино қилмаслик ҳақидаги фармон келади:

32. Зинога яқинлашманглар, чунки у фаҳш иш ва ёмон йўлдир.
Ояти каримада «зино қилманглар» дейилмаяпти, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу эса «зино қилманглар» дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш уёқда турсин, ҳатто унинг яқинига ҳам йўламаслиги, бундай фаҳш ва бузуқ ишга олиб борувчи барча сабаблардан ҳам сақланиши за-рур. Номаҳрам аёллар билан ёлғиз қолиш, уларни қучоқлаш ёки ўпиш ҳақида фикрлаш, беҳаёлик, бузуқлик мавзуидаги фильм ва суратларни томоша қилиш, ҳаё ва иффатни унутиш, маст қилувчи ичимликларни ичиш ва тарёкларни чекиш кабилар зинога олиб борувчи сабаблар ҳисобланади. Зинокор бу гуноҳи сабабли бу дунёда турли касаллик, шармандалик ва маломатларга дучор бўлса, охиратда аламли азобларга, Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлади. Зинокор ўз жуфти ҳалолига, оиласига, ўзи яшаб турган жамиятга ҳам хиёнат қилган бўлади. Зино балоси унинг наслига ҳам уриб кетади, натижада унинг фарзандлари майиб-мажруҳ, ногирон бўлиб туғилади. Ўзи эса ОИТС, таносил каби кўз кўриб, қулоқ эшитмаган касалликларга учрайди. Шунингдек, зино жамиятга ҳам катта зарар келтиради, алал-оқибат уни бутунлай ҳалок қилиши мумкин. Қадимдан зинога мубтало бўлган жамиятлар ва давлатлар бало-ҳалокатларга учраб, йўқ бўлиб кетган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам куйидагиларни айтадилар: «Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки кўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради».

33. Аллоҳ тақиқлаган жонни ўлдирманг. Ҳақ билан бўлса, мустасно. Ким мазлум ҳолида ўлдирилса, унинг валийсига ҳуқуқ берганмизки, у ўлдиришда ҳаддан ошмасин. Зеро, унга нусрат берилгандир.
Исломда ҳар бир жон,айниқса,одам боласининг жони юксак қадрланади. Жонни ҳаммага Аллоҳ берган ва уни олишга ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина ҳақлидир. Шунинг учун бировни ўлдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. “Ҳақ билан бўлса, мустасно” деганда Ислом шариатининг ҳукми билан кишини қатл қилишга (шунда ҳам ҳуку-мат йўли билан) ижозат берилиши тушунилади.
Яна бошқа бир ҳолат ҳам борки, бунда ҳукумат ё ўлдиришга ёки бошқа жазо беришга ҳақли бўлади. Бу жазо муҳорибларга, яъни қуролли ҳолда уюшиб, эл-юртнинг, халқнинг тинчини бузиб, талон-тарож билан шуғулланган одамларга белгиланган жазо бўлиб, уларни ўлдириш, осиш, қўл-оёқларини қарама-қарши томонидан кесиш ёки сургун қилиш мумкин. Ҳукумат шароитга қараб, мазкур жазолардан бирини танлайди. Бошқа ҳолатларда одам ўлдириш ҳаром ҳисобланади. Мабодо ушбу улкан гуноҳ содир этилиб, биров ноҳақ ўлдирилса, унинг валийсига - эгасига қасос олиш ҳуқуқи берилади. Валий хоҳласа, қасос олиб, қотилни ҳам ўлдиришни талаб қилиши, хоҳласа, хун олиб, қотилни ўлдирмай қўйиши, хоҳласа, умуман афв қилиб юбориши мумкин. Аммо у бунда ҳаддан ошмаслиги керак:
яъни ўлган бир одам ўрнига икки ёки ундан кўпроқ одамни ўлдирмасин ёки қотилни ҳаддан ортиқ қийнаб-азоблаб ўлдирмасин, қотил марҳумни қандай қилиб ўлдирган бўлса, уни ҳам шундай қилиб ўлдирсин. Аллоҳ унга нусрат (қасос олиш ҳуқуқини) бериб қўйгач, у энди чегарадан чиқмасин.
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ида Миқдод ибн Амр Киндий розияллоҳу анҳу хабар қилади: «У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Айтингчи, агар кофирлардан бирига йўлиқиб, у билан жанг қилсак, шунда у менга қилич уриб, бир қўлимни чопиб ташласа, сўнг мендан бир дарахтнинг ортига беркиниб олиб: «Аллоҳга бўйсундим!» деса, шуни айтгандан кейин уни ўлдиравераманми, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни ўлдирма!» дедилар. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ахир у менинг бир қўлимни чопиб ташлади. Қолаверса, у ўша гапни чопиб ташлагандан сўнг айтди-ку?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни ўлдирма! Агар уни ўлдирсанг, у сен уни ўлдиришингдан олдинги мақомингда бўлиб қолади, сен эса унинг калима айтишдан олдинги мақомида бўлиб қоласан», дедилар» (Изоҳ: У калима айтганидан кейин сен каби мусулмон бўлади ва уни ўлдириш ҳаром бўлади, яъни у сенинг мақомингда бўлиб қолади. Мусулмон одамни ўлдирсанг, у ҳолда қасос учун сени ҳам ўлдириш мумкин бўлади, яъни сен унинг мақомида бўлиб қоласан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Бани Исроилда қасос бор эди, лекин уларда хун йўқ эди. Аллоҳ таоло ушбу умматга шундай деди: «Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди: ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, маъруф ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин...». «Авф қилиш» қотиллик қасддан бўлганда хунни қабул қилишдир, яъни маъруф ила талаб қилади, жавобгар ҳам яхшиликча адо этади. «Бу Роббингиздан енгиллик ва раҳматдир», яъни сизлардан олдингиларга фарз қилинганига нисбатан. «Ундан кейин ким душманлик қилса, унга аламли азоб бор», яъни хунни қабул қилгандан кейин ҳам ўлдирса» (Бухорий ривояти).

34. То вояга етгунича етимнинг молига яқинлашманглар. Яхшилик билан бўлса, мустасно. Аҳдга вафо қилинглар, аҳд сураладиган нарсадир.
Динимизда мусулмоннинг жонию моли дахлсиз саналади. Исломда айниқса етимлар молининг муҳофазасига қаттиқ эътибор эерилади. Ота-онаси вафот қилиб, етим қолган фарзанднинг меросига ҳеч кимнинг ҳад қилолмаслиги белгилаб қўйилган. Унинг розилигисиз етим вояга етгунича молини ишлатиш гуноҳ ишлардан хисобланади. Аммо унинг молини кўпайтириш учун тасарруф қилса ёки етимнингўзига (масалан унга илм бериш ёки ҳунар ўргатиш учун) сарфласа, бу мустасно.
Исломда яна одамлар аҳдни бажаришга, ваъдага вафо қилишга чақирилади. Хусусан, молиявий ва иқтисодий муносабатларда аҳду заъдани вақтида бажариш энг муҳим вазифалардан экани таъкидланади. Аҳдни бажармаслик эса келгусида ато қилинадиган яхшилик ва неъматнинг заволи бўлади. Айримлар муҳтожлигида Аллоҳдан мол-дунё сўрашади, агар мол-дунё берса, эҳсон ва садақаларни кўпайтираман, одамларга яхшиликлар қиламан, Аллоҳга шукроналар айтаман, деб катта-катта ваъдалар беради. Аллоҳуларга буни ато қилганида эса, дарров Парвардигорнинг бу марҳаматини унутиша-ди, Унга шукр қилишни эсдан чиқаришади, оқибатда неъмат қўлларидан кетади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “Улар орасида: "Агар У фазли билан бизни бой қилса, садакушар бериб, яхши инсонлардан бўламиз”, дея Аллоҳга ваъда берувчилар ҳам бор. Аллоҳ уларга фазлидан берганида эса бахиллик ҳилиб, бош тортиб кетишди” (Тавба, 75-76).

35. Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарозида тортинг. Мана шу яхши ва оқибати гўзалдир.
Эй инсонлар, тижоратларингизда ҳалол бўлинглар, ўлчаб бераётганингизда бировнинг ҳақидан уриб қолмай, тўлиқ ўлчаб беринглар, тўғри тарози ва бошқа ўлчов асбоблари ишлатинглар. Шундай қилганингиз мусулмон умматига хос яхши иш бўлади ва бунинг оқибати ўзингиз учун хайрлидир. Қиёмат кунидаги ҳисоб-китоб чоғида бошқаларнинг ҳатто игна каби майда нарсаси бўйича ҳам ҳисобга тортиласиз, унинг ҳаққини адо қилмагунингизча бир қадам ҳам жила олмайсиз. Бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик, ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилиш бобида ҳеч ким мусулмонларга тенглаша олган эмас. Чунки бу ишларни Қуръони карим ва ҳадиси шариф шунчалик кўп тарғиб қилганки, мусулмонлар уни эътиқодларининг бир қисмига айлантириб олишган. Кейинги асрларда кўпгина юртларда Исломнинг кенг тарқалишига айнан мусулмон савдогарларнинг тўлиқ ўлчовлари, тўғри тортишлари, бировнинг ҳаққига хиёнат этмасликлари, омонатдорлик билан муомала қилишлари сабаб бўлган. Умрида бундай гўзал ахлоқни, омонатли, ҳалол-пок кишиларни кўрмаган турли халқларнинг вакиллари мусулмон савдогарлардан ушбу адолатли муомалаларни кўриб, бу гўзал шарофатларнинг манбаи бўлган Ислом динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошлашган.
Мусулмонлар авваллари тарозидан уриб қолиш, кам ўлчаб бериш каби ҳаром ишлар у ёқда турсин, бировнинг игнасини ҳам олишмаган, тийинига ҳам ҳиёнат қилишмаган. Бунга жуда кўп мисолларни келтириш мумкин. Вилоятлардан бирида аввалроқ тақво ва зуҳдда, ҳалоллик ва покликда ном чиқарган бир комил инсон яшаганини сўзлаб беришганди. Бу киши ниҳоятда камбағал, ночор бўлиб, аҳли маҳалла пул тўплаб уйлатиб қўйган экан. Уйи йўқлигидан бировнинг ташқарисида ижарага ўтираркан. Бирин-кетин фарзандлар туғилгач, қўни-қўшнилар маслаҳатни бир жойга қўйиб, ҳашар қилиб, унга уй қуриб беришибди. Бир куни қарашса, у ҳовлини ташлаб яна ўша эски ижара уйга кўчиб келибди. Сабабини сўрашса, аввалига чайналиб тураверибди. Қистовга олишавергач, бўлган воқеани айтиб берибди. Маълум бўлишича, қўшнининг бир ўриги бўлиб, девор оша буникига ҳам шохлаган экан. Ўрик пишганда фарзандининг тўкилган мевани оғзига солганини кўрган ота чидай олмай, не машаққатлар билан тикланган ҳовлини ташлаб келаверибди. Ҳали норасида гўдакнинг ҳалқуми бировнинг ўриги билан булғанишини истамабди.
Ўтмишда бунақа воқеалар жуда кўп бўлган. Яқин-яқингача бир уламонинг ғаройиб одати ҳақида гапириб юришарди. Тўй-маъракалардан чиқиб кетаётиб у кўпинча дарвоза олдида тўхталиб, ниманидир чайнаб тураркан. Бу ҳолнинг сабабини сўрашса, «кексалик экан, овқатимдаги гўштни чайнаб ютишга улгуролмай қолдим, эшикдан чиқмай шуни ютиб олишим керак, акс ҳолда хонадон соҳибининг ҳаққига хиёнат қилган бўламан», деб жавоб қайтарган экан.
Халқимиз «бировнинг ҳаққи» деб ҳаттоки девор оша осилиб турган дарахт шохини синдириб тиш кавламаган, биров иситиб ўтирган жойидан туриб кетгач унинг ўрнига ўтирмаган, таклиф қилинмаган жойга бирор биродарини бошлаб бора олмаган, меҳмондорчилиқца дастурхондан ҳеч нарсани фарзанд-набираларига сўрамай олмаган. Ана шундай ҳаёт кечирган ота-боболарнинг айрим фарзандлари бугунга келиб ўзганинг ҳаққидан қўрқиш, бундан ўзини асраш ўрнига ҳеч тап тортмай тарозидан уриб қолишяпти, савдода ёлғон ва алдов одат тусига кириб бўлди. Бундайлар алдов билан бировнинг молини тортиб олишгача, шерикларига хиёнат қилишгача етиб боришяпти. Айримлари бошқалардан пул, буюм, мол олиб, эгасига қайтариш «эсларидан чиқиб» қолаверади. Ишхонасидан у ёки бу нарсани кўтариб кетаверадиганлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Ҳол шунга бориб етдики, одамлар инсонларники қолиб Аллоҳ таолонинг байти-масжидлардан гилам, китоб ва бошқа буюмларни ўғирлашдан ҳам ҳазар қилмайдиган бўлиб қолишди.

36. (Эй инсон), ўзинг билмаган нарсага эргашма, чунки қулоқ, кўз ва дил - буларнинг барчасида масъул бўлинади.
Яъни, инсон эшитган, кўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун қиёмат куни жавоб беради. Агар инсон Пайғамбардан эшитган ваҳийларни инкор қилса, бунинг учун ҳам сўроққа тутилади. Бордию у бир кишини ғийбат қилса ёки унинг шаънига бўҳтон ёғдирса, бунинг учун ҳам Аллоҳ ҳузурида жавоб беради. Бордию қилмишларидан тонмоқчи бўлса, кўз, қулоқ, дил каби аъзолари гувоҳликка келиб, мукаррам фаришталарнинг номаи аъмолга ёзганларини тасдиқлайди. Абу Саид Худрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Инсоннинг ҳар бир аъзоси ҳар тонгда тилга кириб, “Биз учун Аллоҳдан қўрқ, чунки биз сен билан биргамиз. Ҳидоятда бўлсанг, биз ҳам ҳидоятда бўламиз, адашсанг, биз ҳам адашамиз”, дейди”.

37. Ер юзида кибр-ҳаво билан юрма! Чунки асло ерни тешиб кира олмайсан ва бўй-бастда тоғларга ета олмайсан!
Динимиз инсонларни Ер юзида керилиб, кибр-ҳаво билан юришдан қайтаради, камтар ва тавозели бўлишга чақиради. Ўз ҳолига, ожизлигига муносиб равишда бўлиш керакки, банда учун гўзал сийрат шудир. Кибру ҳаво, мутакаббирлик мусулмон одамга тўғри келмайди. Бу сифатлар имонли, Аллоҳнинг улуғлигини ҳис этган ҳар бир инсон учун мутлақо ёт нарсадир. Ўзининг ожиз бандалигини унутган шахсгина ер юзида кибру ҳаво билан юради. Лекин кибру ҳаво билан қаерга ҳам борарди, нима ҳам қўлидан келарди? Қуръони карим таъбири билан айтганда, ерни тешиб юборармиди ёки бўйи тоғларга етиб қолармиди? Мутакаббир кимсалар ҳар қанча чиранмасин, ҳеч нарсага эриша олмайди. Аксинча, бекорга овора бўлгани, жон койитгани қолади, холос. Банданинг ер юзида кибру ҳаво билан юриши Аллоҳ таолонинг ҳузурида гуноҳларнинг энг оғирларидандир. Қуръони карим кишиларни тавозели, камтар бўлишга чақиради. Кибрга берилганларнинг иблисдан кейинги иккинчи тоифаси мунофиқлар жамоаси эди. Улар кибрлари ва калтабинликлари туфайли Исломни қабул қилишни ор билишарди. Ҳақиқатда абадий саодатни рад қилиб, фоний дунё роҳатини кўзлаш энг мудҳиш ақлсизликдир, нодонликдир. Барча замон ва маконларда бўлгани каби, ҳозирги пайтда ҳам кибрга бориб, дунё лаззатларидан маҳрум бўлмаслик учун Аллоҳга ва Унинг ҳақ Пайғамбарига имон келтиришни ор санаб юрган, ҳидоят йўлларида юришни истамаётган гумроҳлар йўқ дейсизми? Қуръони каримда шундай келган: “Дарҳақиқат, Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймайди” (Луқмон, 18). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кибр-ҳаводан қайтарганлар ва мутакаббир кимсалар Аллоҳнинг азобига албатта гирифтор бўлиши ҳақида огоҳлантирганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули акрам шундай марҳамат қилганлар: “Бир киши кибру ҳаво билан изорини (иштонини) судраб келаётган эди, шу ондаёқ Аллоҳ уни ерга юттирди. Энди у қиёматга қадар ер остида тўлғаниб, “дод” солиб азоб чекади” (Бухорий ривояти).

38. Буларнинг барча ёмонлари Парвардигорингиз ҳузурида ёқтирилмагандир.
Юқоридаги ояти карималарда Аллоҳ таоло нима нарсалардан кайтарган бўлса, ўша нарсалар ҳақиқатда энг ёмон нарсалардир. Аллоҳ азза ва жалла бандаларига ўта меҳрибон бўлгани учун ҳам уларни бу маъсиятлардан (гуноҳ ишлардан) қайтарган, уларга яқин келмасликни буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсиятдан сақланишни сўраб дуо қилганлар ва осий бўлмасликка ҳаракат қилганларнинг гўзал оқибатга эришишлари хабарини берганлар. Маъсиятнинг зарарлари ниҳоятда кўп: маъсият Одам ва Ҳаввони жаннатдан чиқарди; иблисни Аллоҳ таолонинг лаънатига учратди; Нуҳ қавмини тўфонга гирифтор қилди; Од қавмини томири чириган дарахтдек қулатди; Самуд қавмининг даҳшатли овоздан ҳалок бўлишига сабаб бўлди; Лут қавмини чаппа айлантирилган ер остида ҳалок қилди; Шуъайб қавмини булутдан ёққан азоб билан ҳалок қилди; Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилди; Қорун ва унинг бутун мол-мулкини ерга юттирди. Маъсиятлар банда қалбининг моғор босишига, ғофил бўлишига ва муҳрланишига сабаб бўлади. Шунинг учун гуноҳларни кичик, арзимас санамаслик, улардан иложи борича четланиш керак.

39. (Эй Муҳаммад), булар Парвардигорингизнинг сизга ваҳий қилган баъзи ҳикматларидир. (Эй инсон), Аллоҳга бошқа бирор “илоҳ”ни тенг қилма. Яна маломат қилинган ва қувилган ҳолингда дўзахга ташланмагин.
Аллоҳ таоло айтяптики, эй суюкли Пайғамбарим, юқорида келтирилган оятлар Парвардигорингиз томонидан сизга етказилган ҳикматларнинг айримларидир. Бу баён қилинган насиҳатлар илм, ҳикмат, ахлоқ сўзларидирки, булар ваҳий орқали Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга бевосита, умматларига эса у зот даъватлари билан юборилгандир. Буларни ақли соғлом, фаросатли, фикрловчи инсонларгина қабул қилишади. Мазкур насиҳатларнинг баёни икки марта тавҳид ҳақидаги таъкид билан бошланган эди, охирида ҳам тавҳид баёни билан якунланмоқда. Токи бандалар яхши билиб олишсинки, барча яхшиликларнинг бошланиши ҳам, ниҳояси ҳам тавҳид билан бўлиши лозим. Шундан кейин Аллоҳ таоло инсонга хитоб қиляптики, Менга бошқа бирор “илоҳ”ни тенг ёки шерик қилма, унда ҳолинг вой бўлади: маломатга қолган, даргоҳи илоҳиядан қувилган ҳолингда дўзахга ташланасан ва абадий азобга қоласан. Тавҳид ақидаси нақадар зарурий бир эътиқод эканини шундан ҳам билиб олиш мумкин. Ширк келтириш энг бемаъни иш, улкан зулмдир. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи нималигини биласанми?» дедилар. У: «Аллоҳ ва Унинг Расули яхши билади», деди. «У Зотга ибодат қилиб, ҳеч нарсани ширк келтирмасликлари-дир. Уларнинг У Зотдаги ҳаққи нималигини биласанми?» дедилар. У: «Аллоҳ ва Унинг Расули яхши билади», деди. «Уларни азобламаслигидир», дедилар» (Бухорий ривояти).
Аллоҳга ширк келтириш, Унинг боласи бор, шериги бор, деб эътиқод қилиш қанчалик ёмонлигини келгуси оятлар баён қилади:

40. Парвардигорингиз сизларга ўғилларни хослаб бериб, фаришталарни Ўзига қиз қилиб олибдими? Ҳақиқатан оғир гапни айтяпсизлар.
Жоҳилият давридаги араб мушриклари қиз фарзандни асло ёқтиришмас, қиз фарзанд туғилганда қаттиқ хафа бўлиб, ундан қутулиш ташвишига тушиб қолишар эди. Фарзанднинг қиз бўлишини ор деб билганлари учун у туғилиши билан ёки икки-уч ёшга етгач, ундан тезроқ қутулиш пайидан бўлишарди. Шунинг учун кўпинча қиз фарзандларни тириклайин кўмиб юборишар эди. Улар ақидасининг бузуқлигини қарангки, қиз фарзанд тўғрисида шунчалар салбий эътиқодда бўла туриб, араб мушриклари фаришталарни “Аллоҳнинг қизлари” деб эътиқод қилишар эди. Ояти каримада уларнинг мазкур нотўғри ақидалари инкор этилмоқда. Мушрикларнинг Аллоҳга бола нисбат беришлари нақадар улкан одобсизлик бўлса, Унга ўзлари ёқтирмаган қиз фарзандни нисбат беришлари бундан ҳам ёмон расволикдир, катта бир ҳамоқатдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга қарата: «Парвардигорингиз сизларга ўғилларни хослаб бериб, фаришталарни Ўзига қиз қилиб олибдими?» демоқда. Ўғилни ҳам, қизни ҳам Аллоҳнинг Ўзи беради. Мушриклар эса қўлларидан ҳеч нарса келмаса ҳам, ўзларича ўғилларни - ўзларига, қизларни - Аллоҳга деб ҳукм чиқарадилар. Қуръони каримда шундай дейилади: “Сиздан илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга “Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, Менга ибодат ҳилинглар” деб ваҳий юборганмиз” (Анбиё, 25).

41.    Ҳақиқатан бу Куръонда уларга эслатма учун турли нарсаларни баён қилдик. Лекин булар уларни ҳақдан йироқлаштиради, холос.
Яъни, Биз нозил қилган сўнгги Китобимиз Қуръони каримда мушрикларга эслатма сифатида турли ваъз, насиҳат ва мисоллар баён қилинди. Лекин мушрикларга бу ваъз, насиҳат ва мисоллар асло кор қилмади, таъсир ўтказмади. Улар Қуръони карим оятларини эшитганлари сари ундан қочишади, панду насиҳатлардан, уларни етказувчи элчиларимиздан нафратланишади. Улар ўзларининг ботил ақидаларидан ажраб қолишдан қўрқиб шундай қилишади. Чунки уларнинг ниятлари яхши эмас, қалбларини ширк моғори босгани учун ҳақиқатни қабул қилмайдиган даражада муҳрланиб қолган.

42.    (Эй Муҳаммад), «Агар улар айтганларидек, У билан бирга бошқа илоҳлар бўлганида улар Арш эгаси томон йўл излаган бўлишарди», деб айтинг.
Ушбу ояти карима Макка мушрикларининг «Аллоҳдан бошқа ибодатга сазовор турли илоҳлар бор» деган даъволарига қарши жиддий раддиядир. Агар, мушриклар айтаётганидек, Аллоҳ таоло билан бирга бошқа илоҳлар бўлганида, ўша илоҳлар “Парвардигорга яқинлашаман ёки Унинг мулкига эга бўламан” деган ниятда Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ томонга йўл излаган бўлишар эди.

43.    У Зот улар айтаётган нарсадан покдир, ниҳоятда олийдир.
Яъни, агар уларнинг даъвосича, Аллоҳдан ўзга қандайдир илоҳлар бўлганида нега улар Аллоҳга қарши бирор иш қила олмаяпти, Уни салтанатига ҳокимликдан четлата олмаяпти? Чунки Аллоҳ таоло борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси, шериксиз бошқарувчиси, барча мавжудотнинг якка эгасидир. Аллоҳнинг ҳеч қандай шериги йўқ. Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган ҳеч қандай зот йўқдир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақикрй Илоҳ экани ва сизлар Уни кўйиб илтижо қилаётган нарсалар (бутлар) эса айни ботил экани ҳамда Аллоҳнинг Ўзигина энг олий ва буюк Зот эканидир” (Ҳаж, 62).

44. Етти осмону Ер ва улардаги борки жонзот Уни поклаб ёд этади. Уни мақтов билан поклаб ёд этмаган бирор нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамайсизлар. Дарҳақиқат, У ҳалим ва кечирувчидир.
Яъни ҳар бир махлуқот ўз тилида Парвардигорни поклаб зикр қилганини баён қилади ва Унга мақтовлар йўллайди. Лекин буни инсонлар билишмайди, эшитишмайди. Мушрик кимсалар бутун коинот тасбеҳ айтаётган Зотга қандайдир жонли-жонсиз “илоҳ” ларни шерик қилишади. Бунинг учун У Зот барча мушрикларни бир лаҳзада ҳалок қилиб юбориши мумкин эди. Аммо У зулм қилмаслиги ва ҳалим, кечирувчи бўлгани учун бандаларининг тавба қилишларини, истиғфор сўрашларини кутади, жазосини кечиктиради.
“Тасбеҳ айтиш” деганда «Аллоҳни поклаб ёд этиш» деган маъно англашилади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб, тасбеҳ айтишини таъкидламоқда. Аллоҳ таолога ҳатто етти осмон ҳам, Ер ҳам тасбеҳ айтади. Ўша етти осмону Ердаги инсонлар ҳам, бошқа жамики махлуқотлар ҳам тасбеҳ айтишади, поклаб ёд этишади. Борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳга ҳамду сано ва тасбеҳ айтади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос услуб ва ўз тили билан айтади. Инсонлар эса, ғафлатда юришгани, эътиборсиз бўлишгани учун борлиқдаги мавжудотларнинг Аллоҳ таолога ҳамду сано ва тасбеҳ айтишларини эшитишмайди ва англашмайди. Бутун мавжудот Уни поклаб ёд этиб турганида ожиз инсон ширк келтирса ҳам Аллоҳ ҳалимлигидан уни дарҳол азобламайди, маълум муҳлатга ўз ҳолига қўйиб қўяди. Мағфирати беқиёслигидан шунча беодоблик ва гуноҳга йўл қўйишса ҳам, тавбага борган бандаларини мағфират қилаверади.

45. (Эй Муҳаммад), Қуръон қироат қилганингизда сиз билан охиратга имон келтирмайдиганлар ўртасига кўринмас ёпиқ парда тортиб қўямиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни тиловат қилганларида Қурайшнинг бошлиқлари тинглашар, аммо ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўриб, ўзларини карликка, тушунмаганликка олишга уринишарди. Машҳур Ислом тарихчиси Ибн Исҳоқ бу ҳақда Зуҳрийдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Кечаларнинг бирида Макка ашрофларидан Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бани Заҳро қабиласининг шартномадоши Ахнас ибн Шурайқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида намоз ўқиётганларида қулоқ солиш учун чиқишибди. Улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида ўтириб тинглабди. Бир-бирларидан хабарлари йўқ экан. Кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, тонг отганда тарқалишибди. Йўлда учрашиб қолиб, бир-бирларини маломат қилишибди. Ўзаро «Энди қайта келмайлик, эси паст одамларимиз кўриб қолса, кўнгилларига баъзи шубҳалар тушишига сабаб бўламиз», дейишибдида, тарқа-либ кетишибди. Иккинчи кечаси эса улардан ҳар бири яна ўз жойига келиб, яна кечаси билан (Қуръон) эшитиб чиқибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, йўлда учрашиб қолишибди ва яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди. Учинчи кечаси ҳам келиб, туни билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отгач, қайтиб кетишаётганда яна аввалги ҳол такрорланибди. Бир-бирларига: «Қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқамаймиз», дейишибди. Сўнгра аҳдлашиб, тарқалиб кетишибди.
Кундузи Ахнас ҳассасини қўлига олиб, Абу Суфён ибн Ҳарбнинг уйига борибди ва унга: “Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида нима дейсан?” дебди. Абу Суфён: “Нима эшитдим? Биз Бани Абду Маноф билан шараф талашганмиз. Улар ҳам кишиларга таом беришган, биз ҳам берганмиз. Улар улов беришди, биз ҳам улов бердик. Улар хайр-эҳсон қилишди, биз ҳам қилдик. Ҳамма тиз тушиб, пойгага қўйилган икки отдай бўлиб қолди. Шунда улар: «Биздан Пайғамбар бор, унга осмондан ваҳий келади», дейишди. Биз буни қачон идрок қиламиз? Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон унга имон ҳам келтирмаймиз, уни тасдиқ ҳам қилмаймиз”, деди. Ахнас унинг олдидан туриб кетди». Эҳтимол, шунга ўхшаш номаъ-қул ўй-фикр ва тасаввурлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон тиловат қилаётганларида у зот билан охиратга имон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда бўлгандир?.

46. Ва уни англамасликлари учун қалбларида пардалар ва қулоқларида оғирлик қилиб қўйдик. Куръонда Парвардигорингизнинг ёлғиз Ўзини зикр қилганингизда улар ортларига ўгирилиб кетишади.
Охиратга имон келтирмайдиган кимсалар учун Аллоҳнинг ваҳийлари ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган рисолат ҳам бирдай аҳамиятсиз. Улар ҳақни эшитмаслик учун қулоқларини кар қилиб олишади, ҳақни кўрмаслик учун кўзларини юмиб олишади. Аллоҳ таоло уларнинг дилларига парда тортиб қўйгани учун Қуръон оятлари уларнинг қалбига етиб бормайди, улар Қуръонни ибрат қулоғи билан эшитишмайди, ундаги далил-ҳужжатларни англай олишмайди. Ана шундай куфр ва ширк чирмаб олган бахтсизлар Қуръондаги Аллоҳнинг ягоналиги ҳақидаги оятларни эшитиб қолгудай бўлишса, қавмдаги обрўларию мансабларидан, шавкатларию жоҳилий мавқеларидан маҳрум бўлиб қолмаслик учун ортларига ўгирилиб, қочиб қолишади. Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Масад сураси нозил бўлганида Абу Лаҳабнинг хотини қўлида бир идиш билан Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонларига қасд қилиш учун келади. Аммо у Абу Бакр Сиддиқ билан ўтирган Пайғамбарни кўрмай, ораларини бир фаришта тўсиб турганини билолмай, ортига қайтиб кетган эди. Ҳақиқатан инсоннинг охиратга имони бўлмаса, Пайғамбарнинг насиҳатларини эшита олмайди, Қуръони карим ҳикматларини англамайди, дили зулматда бўлгани учун оятларни эшитганда тумтарақай қочади.

47. «Биз улар сизни тинглашаётганда нега қулоқ солишаётганини ҳам, улар ўзаро пичирлаб гаплашаётганларида золимларининг: «Сизлар сеҳрланган кишига эргашяпсиз, холос» деганларини ҳам яхши биламиз».
Аллоҳ азза ва жалла Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, мушрикларнинг нима учун Қуръон тинглаётганларини яхши биламиз. Улар Қуръондан манфаат олиш, ҳидоят топиш учун эмас, масхара қилиш, айб топиш, ваҳийларимизни етказаётган Расулимизни эрмак қилиш учун ўзларини Қуръон тинглаётган қилиб кўрсатишади. Пайғамбарни тинглаш баҳонасида ўзаро пичирлашиб, нималарни муҳокама қилишаётганини ҳам Биз яхши биламиз. Улар Қуръондаги амр-қайтариқлар ҳақида, яхшиликлар борасида пичирлашаётганлари йўқ, улар ёмонлик, куфр ва ширк каби ботил нарсалар ҳақида пичирлашиб гаплашишяпти. Бу гапларининг ўзиёқ уларнинг Қуръондан қайсидир йўсинда таъсирланишганини билдириб турибди. Аммо ўша таъсирнинг асл сабабларини, илоҳий ҳикматини сеза олмай, нима дейишларини билмай, Пайғамбаримизни сеҳргарга йўйишмоқда. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган одамларга: «Сизлар сеҳрланган кишига эргашяпсиз, холос», дейишяпти. Бу даъволари билан “Муҳаммаднинг гапи оддий гап эмас, сеҳрланган одамнинг гапи, шунинг учун у одамларга таъсир ўтказмоқда” демоқчи бўлишяпти. Улар бу билан ҳам кифояланмай, Аллоҳнинг элчисини кучли жодугар, мажнун, шоир, коҳин дейишгача боришади. Улар ҳозирча ваҳийларимизни инкор қилиш учун Биз юборган Пайғамбарни шундай калака қилиб туришсинчи, яқинда бу қилмишларининг жазоси қанчалик аламли бўлишини яхши билиб қолишади.

48. (Эй Муҳаммад), улар сиз ҳақингизда қандай мисоллар келтиришганини кўринг. Улар адашишди, энди йўл топа олишмайди.
Эй пайғамбарим, мушрикларнинг сизни сеҳрланган кишига мисол қилиб келтиришларига қаранг, аслида сиз эмас, уларнинг ўзла-ри сеҳрланган. Чунки сиз пайғамбарсиз. Улар мана шу ишлари билан ҳақ йўлдан адашишди. Энди тўғри йўлни асло топа олишмайди. Ана шундай гумроҳ, ўз фойдасини билмаган қавмлар доимо адашишда бўлган. Ҳамиша шайтон васвасасига учиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан чекинишган. Чунки дунё ҳаётининг роҳат-фароғатлари инсонга чиройли кўрсатиб қўйилган. Шайтон ҳамиша уни йўлдан оздиради, тоат-ибодатдан, солиҳ амаллардан қайтаради, улар орасига бузғу-адоват, нифоқ солади. Шайтонга мурид бўлганларнинг қулоқларига Пайғамбарнинг даъват ва илтижолари асло кирмайди, кўзлари Аллоҳ таоло ҳар қадамда кўрсатиб қўйган ибрат-мўъжизаларни кўрмайди, ноқис ақллари Аллоҳ динининг, Аллоҳ шариатининг исбот талаб этмайдиган олий ҳақиқатларини илғаб олишга ярамайди. Улар бу дунёда Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларни, мўл ризқларини гўё ўзлари ишлаб топгандай еб-ичиб, ҳатто шукрини қилишмайди. Бу дунёнинг журму исёнларига ғарқ бўлиб, охиратни эсдан чиқаришади. Арзимас мартаба ёки матоҳ дея ашрофларига сажда қилишадию, аммо бутун оламларнинг Эгаси, замину коинотнинг ҳақиқий Хожаси, барча мавжудотларнинг яратувчиси бўлмиш буюк Зотга ибодат қилишга, унинг амр-фармонларини бажаришга эринишади, ор қилишади, бепарво бўлишади. Бундан ортиқ нодонлик, бундан зиёд гумроҳлик, бунданда осийлик борми?!

49. Улар: «Суяк ва чириган тупроққа айланиб бўлгани-миздан кейин ҳам янгидан яратилиб, тирилтириламизми?» дейишди.
Мушрикларнинг яна бир нодонлиги шундаки, улар Аллоҳ таолонинг инсонларни бир бор яратганидан сўнг яна вафот эттириши, кейин эса қиёмат куни қайтадан тирилтириши ҳикматини англаб етмаганлари ёки бунга ишонмаганлари учун ушбу ҳақиқатни ҳамиша инкор қилишади. Айниқса, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом Аллоҳнинг ваҳийларини етказган пайтларида араб мушриклари ғайбнинг баъзи нарсаларига ишонишса ҳам, ўлиб-чириб, суякка ажраган маййитнинг тупроққа қўшилгандан кейин яна қайта тирилишига асло ишонишмас эди. Улар ушбу муқаррар ишнинг амалга ошишини хаёлга ҳам сиғдира олишмасди. Чунки мушриклар аввал бошда асллари умуман йўқ бўлганини, кейин Аллоҳ уни йўқдан бор қилганини, мана шу ишга қодир Аллоҳга бор нарсаларни қайта тирилтириш жуда ҳам осонлигини тушуниб етишмас эди. Уларнинг қайта тирилишни инкор қилиб айтган бу гапларига қарши нималар дейишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг Ўзи ўргатмоқда:

50. Сиз: «Тош ёки темир бўлсангиз ҳам;
Эй Пайғамбарим, ўша мушрикларга айтингки, Аллоҳ бир томчи ҳақир сувдан барпо қилган таналарингиз чирийдиган гўшт ва мўрт суякдан иборат бўлгани учун уларни яратиш Аллоҳ таолога ҳеч бир қийинчилик туғдирмаганидай, агар вужудингиз қаттиқ тош ёки темирдан бўлганида ҳам уни яратиш Парвардигорга асло машаққат бўлмас эди. Чунки У Зот ер юзидаги ва коинотдаги барча махлуқларнинг ягона яратувчиси, кейин вафот эттирувчиси ва ўлганларидан кейин ҳисоб-китоб учун қайта тирилтирувчисидир. Қуръони каримда шундай зикр қилинган: “Ахирулар Аллоҳнинг крндай қилиб илк бор яратиб, сўнгра Уўшани қайтаришини кўришмайдими?Бу Аллоҳга ниҳоятда осондир. (Эй Муҳаммад), айтинг: “Ерда сайр қилиб, қандай крлиб яратишни бошлаганини кўринглар! Сўнгра Аллоҳ иккинчи марта пайдо қилади. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир” (Анкабут, 19-20).

51. ёки кўнглингизда мушкул кўринган бошқа бирон махлуқ бўлсангиз ҳам», деб айтинг. Шунда улар: «Бизни ким қайта тирилтиради?» дейишади. «Сизларни биринчи марта йўқдан бор қилган Зот», денг. Сизга бошларини қимирлатиб: «Бу қачон бўлади?» дейишади. «Шоядки, яқинда бўлса», денг.
Мушрикларнинг: «Гўштимиз чириб, ўзимиз суяк ва тупроққа айлансак, қандай қилиб қайтадан тириламиз?» деган саволига жавобни Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали шундай баён қилмоқда: инсоннинг суяги ва чириб-тупроққа айланган гўштидан уни қайта тирилтириб, ҳузуримизга жамлаш Биз учун ҳеч гап эмас, бу асло қийинчилик туғдирмайди. Инсонлар умуман бўлмаганида йўқликдан пайдо қилганимиз каби уларнинг чириб, тупроққа айланган жасадларини қайта тирилтириш ҳам Бизга жуда осон. Фақат мушриклар буни англашмайди, англашганда ҳам нодонликлари туфайли бунга ишонишдан ор қилишади. Уларнинг танаси оддий гўшт ва суяк экан-ку, ҳатто метин тош ва темирдан бўлганида ҳам қайта тирилтира оламиз. Эй Пайғамбарим, уларга мана шу ҳақиқатни етказинг: ўлгандан сўнг қўлларидан келса тош ёки темирга айланиб олишсин, осмонларга учиб кетишсин, ер қаърига кириб кетишсин, барибир уларни тирилтириб, даргоҳимизда тўплаймиз. Бундан ҳеч ким қутилиб кета олмайди, тупроққа айланиб йўқ бўлиб кетмайди. Агар уларнинг кўнглида тирилтириш мушкул ҳисобланган бошқа бирор махлуқ бўлса ҳам уларни тирилтира оламиз.
Қиёмат қоим бўлганида қайта тирилишларига ишонмай, Аллоҳнинг Пайғамбарини ёлғончига ёки сеҳргарга чиқариб юрган мушриклар у зотнинг гапларини калака қилишга ўтиб, “Бизларни ким қайта тирилтира олади?” деб савол беришади. Чунки улар ўзларича, бизлар ўлиб кетсак, қанақасига қайта тириламиз, буни ким ҳам қила оларди, деган калта хаёлда бўлишади. Улар ҳатто ўзларини яратган Зотни батамом унутиб юборишгани учун шундай дейишгача боришади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига буюряптики, уларга шундай деб жавоб беринг: “Сизларни илк марта яратган, дунёга келтириб, инсон қилган Зот ўлганингиздан кейин, суяк-гўштларингиз чириб, тупроққа айланганидан сўнг яна қайта тирилтиради. Ўликни қайта тирилтириш аввалда йўқдан бор қилган Зот учун ҳеч нарса эмас”. Аммо мушрик кимсалар бунга имон келтириш ўрнига истеҳзо ва кибр билан бошларини қимирлатишади ҳамда “Бу иш қачон содир бўлади?” деб сўрашади. Улар ўша қайта тирилиш қачон бўлади, деб кесатганча яна гумроҳлик қилишади. Уларнинг айниган мияси бундай нарсалар фақат Аллоҳга хос иш эканини англаб етишга қодир эмас. Аллоҳнинг Пайғамбари қайта тирилиш қачон бўлишини уларга айтиб бериши керак эмиш. Ҳолбуки, бу Пайғамбарнинг иши эмас. Шунинг учун ҳам у зотнинг уларга мос муомала қилиб, “шоядки, яқинда бўлса” дейиш буюрилмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу иш қачон бўлишини аниқ билмасаларда, аммо бўлиши муқаррарлигини жуда яхши биладилар. Кофирлар ишонмай турган қайта тирилиш улар учун жуда яқин бўлиши мумкин. “Тафсири Насафий”да шундай дейилади: “Аллоҳ таолонинг илк бор яратиши ҳаммага маълум: бунда айрим мавжудотларни йўқдан бор қилган, кейин уларнинг айримларидан бошқаларини яратган. Қиёматда иккинчи марта қайта тирилтириш аввалгисидан фарқланади. Охиратда Аллоҳ айрим нарсаларни йўқдан яратсада, аммо инсонларни чириб кетган суякларидан тортиб барча аъзоларигача қайтадан, йўқдан эмас, балки аслини қайта тиклаш, дунёдаги асл ҳолига келтириш йўли билан яратади”.

52. У сизларни чорлайдиган Кунда Унга мақтов билан жавоб берасизлар ва жуда оз турганингизни гумон қиласизлар.
Аллоҳ таоло барча махлуқотини қайта тирилтириб, Ўз ҳузурига ҳисоб-китоб учун тўплайдиган кун маҳшар кунидир. Ўшанда бутун оламларнинг Парвардигори биринчи пайғамбар Одам Атодан тортиб, қиёматгача яшаб ўтган барча инсонларни даргоҳи олийсига чақиради. Уларнинг барчаси Парвардигорларига мақтов сўзлари айтиб, «Алҳамдулиллаҳ, Алҳамдулиллаҳ» дейишдан бошқа жавоб бера олмайди. У куннинг даҳшатидан бандаларнинг оғзига шундан бошқа сўз келмайди. У куннинг даҳшатидан эс-ҳушидан ажраган инсонлар дунёда жуда оз туришгани ҳақида иккиланиб қолишади. Қиёматнинг манзараларини кўрган ҳар бир одам «Бу дунёда ҳеч қанча яшамаган эканман», деб ўйлаб қолади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Қиёмат крим бўладиган кунда гуноҳкорлар бир соатдан ортик, туришмаганига қасам ичишади. Улар мана шундай ёлғонга бурилувчи эдилар. Илм ва имон берилганлар айтишади: “Аниқки, сизлар Аллоҳ ёзиб кўйганидек, тирилиш кунигача турдинглар. Демак, мана шу тирилиш кунидир. Лекин сизлар буни билмас эдинглар” (Рум, 55-56).
Шу оят билан охиратни, қайта тирилишни инкор қилувчиларнинг мазаммати (қораланиши) якунланади, келгуси оятлардан эса хитоб мўмин-мусулмонларга қаратилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга уларга ушбу сўзлар билан мурожаат қилиш топширилади:

53. (Эй Муҳаммад), бандаларимга айтингки, улар гўзал нарсани сўзласинлар. Зеро, шайтон ораларини бузиб туради. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир.
Эй Пайғамбарим, мусулмонларга айтингки, улар мушрикларга бўлса ҳам чиройли сўз айтишсин, гўзал хулқли бўлишсин. Шунда шайтон уларнинг ораларини буза олмайди, фитнага сололмайди. Асбабун-нузул китобларида зикр қилинишича, ушбу оят Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. Бир киши уни ҳақорат қилганида Аллоҳ таоло (ушбу оятни нозил қилиб), уни кечиришга буюрди. Бир саҳоба розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мингашиб олган эдим. Шунда у зотнинг уловлари қоқилиб кетди ва мен: «Шайтон ноумид бўлди!» дедим. Шунда у зот: «Шайтон ноумид бўлди», дема. Агар сен шундай десанг, у катталашиб, уйдек бўлиб кетади ва: «Бу менинг қувватим билан бўлди», дейди. Балки: «Бисмиллаҳи», дегин. Агар сен шундай десанг, у кичкиналашиб, пашшадек бўлиб қолади», дедилар» (Абу Довуд ва Ҳоким ривояти).
Калбий айтади: “Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига тил билан ҳам, қўл билан ҳам азият етказишар эди. Улар бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилишганида Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.

54. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз сизларни яхши билувчи Зотдир. Хоҳласа, сизларга раҳм қилади, хоҳласа, сизларни азоблайди. (Эй Муҳаммад), сизни улар устидан қўриқчи қилиб юборган эмасмиз.
Аллоҳ таоло инсонларни йўқдан бор қилиб яратгани учун ҳам уларнинг қандай ҳаёт кечиришлари, қилмишлари ва феълларини, ҳидоятда ёки залолатда юришларини Ўзи яхши билади. Хоҳласа, У бандаларига раҳм қилади. Раҳм қилгани бандасини имон билан шарафлагани, унга ҳидоят йўлини кўрсатиб, турли ёмонликлар ва гуноҳ ишлардан қайтарганидир. Хоҳласа, бандасини азоблайди. Унинг азоблагани ўша бандани куфр ва ширқца вафот қилдирганидир. Бу дунёдаги ишларни ҳисоб-китоб қилиш,уларга яраша мукофот ёки жазо бериш Аллоҳ таолонинг ишидир. Пайғамбарга эса Аллоҳнинг таълимотини бандаларга етказиш топширилган, холос. Аллоҳ азза ва жалла айтяптики, эй Пайғамбар, сизни ўша саркаш мушриклар устидан қўриқчи, назоратчи қилиб юбормаганмиз. Сизга уларни мажбурлаб имонга киритиш юкланган эмас. Сизнинг вазифангиз инсонларга илоҳий таълимотларни етказиш, холос. Бандаларни ҳидоятга бошлаш, имонли қилиш сиздан талаб қилин-майди, буларнинг бари Парвардигорингизнинг зиммасидадир.

55. Парвардигорингиз осмонлару Ердаги бор жонзотни яхши билувчидир. Ҳақиқатан баъзи пайгамбарларни баъзиларидан афзал қилдик ва Довудга Забурни бердик.
Бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ азза ва жалла борлиқ ҳамда ундаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бўлганидан, ҳамма жараённи Ўзининг низоми билан бошқариб турганидан кейин осмонлару ва ер юзидаги барча махлуқотининг феъл-атворини, уларнинг қилмишларини, уларга белгилаб қўйган тақдирни яхши билади. Унинг илми мутлақдир, чексиз-чегарасиздир. Ана шу мутлақ илмига биноан баъзи пайғамбарларини баъзиларидан афзал ва устун қилиб қўйган. Масалан, баъзиларига китоб нозил қилган бўлса, баъзиларига юбормаган, баъзиларига кўплаб ва катта мўъжизаларни ато қилган бўлса, бошқаларига озроқ, кичикроқ берган. Худди шу каби пайғамбарларидан Довуд алайҳиссаломга Забурни нозил қилган.
Олдин ҳам айтиб ўтилганидай, Аллоҳ таолонинг пайғамбар Довуд алайҳиссаломга қирқ ёшида нозил қилган илоҳий китоби Забур деб аталади. “Забур”нинг луғавий маъноси “ёзилган нарса” дегани бўлиб, иброний тилида “санолар” деганидир. Ғарб манбаларида «Псалтир» ҳам дейилади. Забур милоддан олдинги 1050-900 йиллари китоб ҳолига келтирилган. У тўрт илоҳий китобнинг (Таврот, Забур, Инжил, Қуръон) бири бўлиб, унда мавъизалар, ибратлар, кўнгилни юмшатадиган ва зикр қилинадиган етмиш учта псалом (сано) бўлган. Довуд алайҳиссалом Забурни ширали, ёқимли овозда муножот тарзида тиловат қилганларида қушлар ҳам учмай, тўхтаб қолар экан. Ҳозирда Забур аҳли қолмаган. Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таоло Забур номли китобни Довуд алайҳиссаломга юборганига жазм билан имон келтиришлари лозим. Хозин тафсирида зикр қилинишича, Довуд алайҳиссаломга нозил қилинган Забур китобидаги саноларнинг бари Аллоҳга ҳамду сано ва дуо-илтижолардан иборат бўлган.Унда ҳалол-ҳаром, фарз ва ҳудуд каби аҳкомлар бўлмаган. Аммо унда Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарларнинг охиргиси эканлари, Ислом умматининг барча умматларнинг яхшиси экани ҳақида ёзилган. Ҳақиқатан умматларнинг энг мўътабари, сараси ва олийи Ислом умматидир. Умматларнинг йўлбошчиси, бутун инсониятга ибрат бўладигани, бошқа инсонларни эргаштирадигани ҳам Ислом умматидир. Умматларнинг энг пешқадами, афзали ва собитқадами ҳам Ислом умматидир. Чунки Аллоҳ таоло «Сиз одамлардан чик,к,ан энгяхши уммат бўлдингиз» (Оли Имрон, 110) деган. Бу умматнинг Китоби Аллоҳ таолонинг мўъжиза каломидир, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали бутун инсониятга индирилган илоҳий дастуридир, ҳукми қиёматгача амалда бўладиган ва ақлларни лол қолдирадиган Қуръони каримдир. Аввалги самовий китоблар инсонлар томонидан ўзгартирилиб, қўшимчалар қилиниб, аслиятидан узоқлаштириб юборилгани ҳолда Қуръони каримни қиёматгача бирор ҳарфини ўзгартирмай муҳофаза қилишни Аллоҳ таоло зиммасига олган. Бу умматнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳозиргача тарих кўрган барча пайғамбарларнинг энг аълосидирлар. Бу зот бутун инсониятга йўлбошчи ўлароқ юборилган Коинот сарвари ва фахри, инсонларнинг энг афзали ва комили, мусулмонларнинг қиёматдаги шафоатчиси, Аллоҳтаоло юборган пайғамбарларнинг энг сўнггисидирлар.

56. (Эй Муҳаммад), уларга: «Ундан ўзга гумон қилганларингизни чақиринглар. Шунда улар сиздан зарарни даф қилиб ёки буриб юбора олишармикин?!» деб айтинг.
Мушриклар ўзларича Аллоҳга ширк келтириб, ўша шерик қилган “илоҳ”ларининг ёрдами ва воситачилигидан умидвор бўлиб юришибди. Шу боис улар Аллоҳнинг ягона ибодатга сазовор Зот эканини ва бошқа сифатларини инкор қилишяпти. Агар улар ишонган “илоҳ”лар шунчалик қудратли ва ҳамма нарсани эплай оладиган тадбирли бўлса, мушриклар Аллоҳдан ўзга, ўзларича худо деб гумон қилиб юрган ўша бут, жин, инс ёки бошқа нарсаларини чақиришсин-чи, уларга ёрдам бера олишармикин? Асло ёрдам бера олишмайди, ўша сохта “илоҳ”ларининг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Улар мушриклардан бирорта ҳам зарарни қайтара олишмайди. Улар зарарни бошқа томонга буриб юборишга ҳам қодир эмас. Балки улар ҳам Аллоҳнинг яратган нарсаларидир.
Инсон фитрати, табиати ҳамиша роҳат, фароғат, ором истагани учун уни нафси минг кўйга солади, шайтон эса йўлдан оздиради. Ана шуни енга олган киши чинакам мўминдир. Роҳатидан кечиб, нафсини қон қақшатиб қийнаган, меҳнат, машаққат, ибодатларга чидаган кишигина мумтоз қул бўлади. Аллоҳ Ўз ҳикматига кўра куфрни, имонсизликни осон, мўминликни қийин қилиб қўйган. Шунинг учун дунёда кофир, осий кўп, мўмин ва солиҳ инсон оз. Инсониятни имон билан шарафлаган Ислом шунчалик улуғ динки, бошқа таълимот ва мафкураларга кишилар зўрлаб ёки нималардир ваъда қилиниб ёхуд қўрқитиб ё алдаб киритилгани ҳолда ҳатто бошқа эътиқоддагилар ҳам Исломга ўз ихтиёрлари, истаклари, имонлари билан кириб келишяпти. Чунки дунёда фақат мусулмонларгина Аллоҳнинг ягона Ўзига ибодат қилишади. Бошқа барча дин ва мафкураларнинг издошлари кимгадир ёки нимагадир (масалан, бутга, ҳайвонларга, қуёш, ой-юлдузлар, ҳатто ўзларига ўхшаган инсонларга) сиғиниб, ўша нарсалардан ёрдам ва марҳамат кутиб ётган дунёда фақат мусулмонларгина Аллоҳтаолога бошқа ҳеч нарсани шерик қилишмайди. Дунёда фақат мусулмонларгина Аллоҳни қўйиб, баъзилари баъзиларини «робб», «илоҳ» қилиб олишмайди. Ислом бандаларни бандага сиғинишдан Аллоҳга сиғинишга олиб чиққан ягона дин ва таълимотдир!

57. Улар илтижо қилаётганларнинг ўзлари ҳам Парвардигорларига йўл излашади, қай бирларидир Унга яқинроқ бўлишни исташади. Унинг раҳматидан умид қилишади, азобидан эса қўрқишади. Ҳақиқатан Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир.
Одамларга, қаҳрамонларга, пайғамбарларга ёки фаришталарга, қолаверса жонсиз бут-санамларга сиғиниш, улардан ёрдам кутиш ғирт бемаъниликдир. Агар улар бирор нарсага қодир бўлганида, уларнинг ўзлари Парвардигорлари сари йўл қидирмаган, Уни васила қилмаган, Унга яқинроқ бўлишни орзу қилмаган бўлишарди. Демак, мушрикларнинг Аллоҳ яратган нарсаларни ўзларига “илоҳ” сифатида эътиқод қилишлари, ўшаларга сиғиниб, ҳожатларини сўраб юришлари ажабланарли ҳолатдир. Чунки улар аслида илоҳ эмас, балки Илоҳ яратган махлуқлардир. Улар ўзларининг ниҳоятда ожизликларини, Аллоҳдан узоқлашишса, аҳволлари ёмон бўлишини ҳам яхши билишади. Шунинг учун ҳаммалари Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун васила излашади. Мушриклар эса ана шу ожиз махлуқларни ўзларига илоҳ деб юрибдилар. Уларнинг раҳматига етишни орзу қилиб, азобидан қўрқиб юришибди. Ҳолбуки, бу сохта “илоҳ”ларнинг ўзлари Аллоҳнинг раҳматини умид қилиб, азобидан қўрқиб юришибди.
Ривоят қилинишича, жоҳилият замонида баъзи инсонлар жинларга сиғиниб, ибодат қилишар экан. Ислом келгач ҳам ўша жинлар мусулмон бўлишмади, ўз жаҳолатларида қолиб кетишди. Ушбу ояти карима ўшалар ҳақида нозил бўлган (Бухорий ривояти). Баъзи муфассирларнинг айтишича, жинлар, фаришталар, Исо Масиҳ ва Узайрнинг барчалари ушбу оятга дохил бўлишади. Яъни, сизлар бу зотларни маъбуд санайсизлар, аммо уларнинг ўзлари Аллоҳга яқинлашиш чораларини излашади. Ва улар бу яқинликни қўлга киритиш учун бир-бирлари билан мусобақа қилишади. Ваҳоланки Аллоҳга энг яқин бандалар У Зотга ҳамиша итоатда бўлган, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаган, Унинг раҳматидан умидвор ва азобидан қўрқувчи тақволи мўминлардир. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари-да бир гуруҳ кишилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни Роббимизни кўрамизми?» дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, (кўрасиз). Булутсиз пешин пайти чарақлаган қуёшни кўришда бир-бирингизга халақит берасизми?» дедилар. «Йўқ», дейишди. «Булутсиз ойдин кечада нур сочиб турган ойни кўришда бир-бирингизга халақит берасизми?» дедилар. «Йўқ», дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бу иккисини (қуёш ва ойни) кўришда бир-бирингизга қийинчилик туғдирмаганингиздек, қиё-мат куни ҳам Аллоҳ азза ва жаллани кўришда бир-бирингизга қийинчилик туғдирмайсиз. Қиёмат куни бир жарчи жар солади. Ҳар бир умматўзи ибодат қилган нарсасига эргашади. Аллоҳдан бошқа санам ва бутларга ибодат қилганлар дўзахга тушмай қолмайдилар. Ниҳоят, фақат Аллоҳга ибодат қилганлар - яхши, фожир ва (дўзахдан омон) қолган аҳли китоблар қолади. Шунда яҳудийлар чақирилиб, уларга: «Кимга ибодат қилар эдинглар?» дейилади. Улар: «Аллоҳнинг ўғли Узайрга ибодат қилар эдик», дейишади. Шунда уларга: «Ёлғон айтдинглар. Аллоҳ аёл ҳам, бола ҳам тутмаган», дейилади. Сўнг: «Хўш, нима хоҳлайсизлар?» дейилади. Улар: «Чанқадик, Парвардигоримиз, бизни қондиргин», дейишади. «Сув ичишга келмайсизларми?» деб ишора қилинади, сўнг уларни дўзахга тўплайдилар. Дўзах саробдек бўлиб, ўз-ўзини мажақлаётганида улар унга тушадилар. Сўнгра насронийлар чақирилиб, уларга: «Кимга ибодат қилар эдинглар?» дейилади. «Аллоҳнинг ўғли Масиҳга», дейишади.Уларга: «Ёлғон айтдинглар. Аллоҳ аёл ҳам, бола ҳам тутмаган», дейилади. Уларга ҳам аввалгиларга айтилганидек: «Нима хоҳлайсизлар?» дейилади. Ниҳоят, яхшими, фожирми, фақат Аллоҳга ибодат қилганлар қолади. Шунда оламларнинг Парвардигори улар билган сифатларнинг энг яқинида уларга келади. Шунда уларга: «Нимани кутяпсизлар? Ҳар бир уммат нимага ибодат қилган бўлса, ўшанга эргашяпти», дейилади. «Дунёда одамларга энг эҳтиёжманд бўла туриб, уларни тарк қилдик ва уларга соҳиб бўлмадик. Биз ўзимиз ибодат қилган Парвардигоримизни кутяпмиз», дейишади. У Зот: «Парвардигорингиз Менман», дейди. Шунда улар икки ё уч марта: «Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаймиз», деб айтишади» (Бухорий ривояти).

58. Бирор шаҳар-қишлоқ йўқки, уни қиёмат кунидан олдин ҳалок қилувчи бўлмасак ёки шиддатли азоб билан азобловчи бўлмасак. Бу Китобда битилгандир.
Аллоҳ таоло дунёдаги турли юртларни, уларнинг аҳолисини гуноҳи ва исёнига яраша азоблаб ёки ҳалок қилиб бораверади. Бу нарса тарихда кўп марта такрорланган ва ҳеч бир шубҳасиз ҳақиқатдир. Қиёмат бўлишидан олдин Аллоҳ ўша вақтда ҳозир бўлганларнинг ҳаммасини ҳалок этади ва сўнгра қиёматни қоим қилади. Яъни, ҳеч бир юрт қолмай азобга ёки ҳалокатга учраши Аллоҳнинг ҳузуридаги Китобда - Лавҳул Маҳфузда очиқ-ойдин битилгандир. Шундай бўлганидан кейин барча инсонлар Аллоҳнинг динини маҳкам ушлашлари, охирзамон Пайғамбари олиб келган илоҳий таълимотларга бўйсуниб ҳаёт кечиришлари лозим. Ким диндан юз ўгирса, икки дунёсини бой берган бўлади. Аллоҳнинг Китобини маҳкам тутганлар эса абадий саодат эгалари бўлишади.
Инсоннинг ташқи муҳит таъсирлари ва турли хасталикларга қарши фитрий қаршилиги (иммунитети) йўқолса, у озгина табиий ўзгаришлар ёки арзимас касалликлар олдида ожиз бўлиб қолади, тезда таслим бўлади ва охири ҳалокатга юз тутиши мумкин. Ҳар қандай мафкура ёки тузум ҳам ўз шаъни ва яшовчанлигини ҳимоя қилиш учун қаршилик кўрсатиш иммунитетига эга бўлиши керак. Дин жамиятни турли иллатлар, қабиҳлик ва жиноятлардан, бузуқлик ва жаҳолатдан ҳимоя қилувчи кучли иммунитетдир. Жамият ҳам ўз навбатида қаршилик иммунитетидан ажраб қолмаслик учун динини асраб, ҳимоя қилишга бурчли. Агар жамиятда бошқарув низоми, эътиқодий дастур йўқолса, инсонлар асл фитрий қиёфаларини йўқотиб, ҳайвонга айланишган ва алал-оқибат инсонийликдан маҳрум бўлиб, ҳалокат сари кетишган бўлур эди. Ақли-ҳуши жойида бўлган кишилар учун шуларнинг ўзи кифоя. Аммо кофиру мушриклар буларга ишонмай, турли мўъжизалар кўрсатилишини талаб қилишади. Жумладан, улар Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳам ана шундай мўъжизалар келтиришни талаб этишгани маълум ва машҳур. Бу ҳақда Қуръони каримнинг турли сура ва оятларида қайта-қайта зикр қилинган. Келаси оятда ҳам ўша сўралган мўъжизаларнинг нима учун келтирилмаётгани баён этилади:

59. (Эй Муҳаммад), мўъжизалар юборишимиздан аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганларигина қайтаради. Самуд қабиласига туяни очиқ мўъжиза қилиб бердик, шунда унга зулм қилишди. Оятларни фақат қўрқитиш учунгина юборамиз.
Макка мушриклари Пайғамбар алайҳиссаломдан ўзларини лол қолдирувчи мўъжиза талаб қилишар, шундагина у зот келтирган ваҳийларга ишонишларини айтишар эди. Аллоҳ таоло айтяптики, уларнинг бу талабига кўра мўъжизалар юбормаётганимизнинг сабаби, аввалги умматлар ҳам шундай мўъжизаларни талаб қилиб, уларни келтирганимизда, мўъжизаларни ёлғонга чиқариб, имон келтирмаган, кофирлигича қолиб кетган эди. Масалан, Солиҳ алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган Самуд қавми мўъжиза талаб қилганида Аллоҳ таоло бир харсанг тошдан тирик туя чиқариб берган эди. Аммо жоҳил қавм Аллоҳнинг ушбу мўъжизасини кўриб ҳам кўзи очилмади, имонга келмади. Боз устига улар ўша туяни сўйиб юборишди ҳамда бу билан Аллоҳнинг қаттиқ жазосига гирифтор бўлишди.
Саъид ибн Жубайр Ибн Аббос розияллҳу анҳумодан ривоят қилади: “Макка аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Сафо тоғини олтинга айлантириб беришни, яна улар деҳқончилик қилишлари учун тоғларни четга сурдириб беришни талаб қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Агар хоҳласангиз, уларга муҳлат беринг, шояд Биз улардан (тавба қилувчиларни) ажратиб олсак. Агар хоҳласангиз, улар сўраган нарсани берамиз. Шунда ҳам кофир бўлишса, улардан аввалгиларни қандай ҳалок қилган бўлсак, булар ҳам шундай ҳалок қилинади”, дейилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, уларга муҳлат бераман”, дедилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди”.

60. Эсланг (эй Муҳаммад), сизга «Парвардигорингиз одамларни иҳоталаб-қамраб олгандир», деган эдик. Биз сизга кўрсатган “рўё”ни ва Куръонда лаънатланган дарахтни одамлар учун фақат бир синов қилдик, холос. Биз уларни қўрқитамиз, аммо бу уларнинг туғёнларини зиёда қилади.
Аллоҳ таоло илми ва қудрати билан билан Ўзининг ваҳийларига ишонмаётган мушрикларни ҳам, ваҳийларга ишониб, имон келтирган мусулмонларни ҳам ўраб-иҳоталаб туради. Парвардигор Ўз Пайғамбарига тасалли бериб, шуни эслатмоқда. Ояти каримадаги “рўё” сўзи туш маъносини англатгани учун айрим кишилар Исро воқеаси Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушларида рўй берган деб тушуниб, фитнага учрашган ва қаттиқ адашишган. Атоқли уламолар оятдаги «рўё»нинг маъносини Исро ва Меърож пайтида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларига кўрсатилган нарсалар, деб таъвил қилишган. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро ва Меърожда кўпгина нарсаларни кўрсатди. Ўша «кўрган нарсалари» эса кўпларга синов бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва Меърожнинг эртасига кўрган нарсаларини одамларга айтиб берганларида, мўмин бўлиб юрган баъзилар муртад бўлиб, диндан қайтишди. Оятда айнан ана ўша имон синови ҳақида сўз кетмоқда.
Икриманинг Ибн Аббосдан ривоят қил ишича, Аллоҳ таоло заққум дарахтини зикр қилиб, қурайшликларни қўрқитганида Абу Жаҳл: “Муҳаммад сизларни қўрқитаётган заққум дарахти нима эканини биласизларми?” деди. Одамлар “Йўқ”, дейишди. “У сариёғли сарид (шўрва)дир. Аллоҳга қасамки, агар ўша заққум бизга бўлса, уни ютиб юборамиз, еб ташлаймиз”, деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”. Дўзахдаги жуда аччиқ, бадбўй, хунук дарахтнинг номи «заққум» деб аталади. Дўзах аҳли заққум, самум (иссиқ шамол), қайноқ сув ва олов билан азобланади, уларнинг емиши фақат заққум, ичимлиги қайноқ сув бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Заққумнинг бир томчиси дунё денгизларига томиб кетса, ер аҳлининг ҳаётини бузиб юборган бўлар эди», деганлар.

61. Эсланг, фаришталарга «Одамга сажда қилинглар!» деганимизда сажда қилишди, фақат иблис: «Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?» деди.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига эслатяптики, У Зот Одамни яратиб бўлгач, барча фаришталарни унга сажда қилишга буюрди. Барча фаришталар саждага боришди, аммо улардан бўлган иблис итоатсизлик қилди. Ундаги кибр ва ғурур лойдан яратилган Одамга сажда қилишга йўл қўймади. Чунки у оловдан, Одам эса лойдан яратилган эди. Иблиснинг кибри уни Аллоҳ даргоҳидан қувилишга ва қиёматгача лаънатлар ичра қолишга гирифтор этди. Шу боис, кибр Аллоҳ таолога осийлик қилиб содир этилган биринчи ва ўта ёмон гуноҳдир. Қуръони каримда келишича: «(Аллоҳ сўради): «Сенга бу-юрганимда сажда крлишингга нима монеълик ҳилди?» У (Иблис) деди: «Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг» (Аъроф, 12).

62. У: «Менга хабар бер-чи, мендан мукаррам қилганинг шуми? Агар мени қиёмат кунигача қолдирсанг, унинг оз қисмидан ташқари барча зурриётини жиловлаб оламан», деди.
Аллоҳнинг даргоҳидан мангуга қувилган, Парвардигорнинг, фаришталарнинг, инсонларнинг лаънатига учраган иблис яна бир шаккокликка борди. Одамга нисбатан ҳиқду ҳасади ошиб кетганидан Аллоҳ таолонинг Одамни мукаррам қилиб қўйганига чидай олмай кибри кучайди, Одамни паст санашга уринди. Ҳатто Аллоҳ таолога беодоблик қилиб: «Менга хабар берчи, мендан мукаррам қилганинг шуми?» дейишга журъат этди. Мана шу нуқтадан бошлаб шайтон Одам наслининг очиқ-ойдин душманига айланди. Уни ҳақ йўлдан, ҳидоят йўлидан оздириш учун минг хил ҳийла-найрангларни ўйлаб топди. Одамзоднинг кўзига шаҳват, кибр, очкўзлик, бузуқлик, ҳаромхўрлик каби иллатларни, гуноҳ ишларни чиройли қилиб кўрсатиб, уни ҳар қадамда йўлдан уришга, алдашга ҳаракат қилди. Аммо инсонларнинг озроқ бир қисми шайтоннинг бу фитналарига учмай, ҳақ йўлда собит қолади ва Аллоҳ таолонинг рози-лигини қўлга киритади.

63. У Зот айтди: «Боравер, улардан ким сенга эргашса, у ҳолда шубҳасиз дўзах етарли жазоингиз бўлур;
Аллоҳ таоло лаънати шайтонни таҳқирлаш маъносида унга шундай деди: “Боравер, қувилган ва лаънатланган ҳолингда даргоҳимдан чиқ, сенга муҳлат бердим, ажалинг қиёматгача кечиктирилди, қўлингдан келганини қилавер, Улардан ким сенга эргашса, унинг жазоси жаҳаннам бўлади. Бу қатъий жазо бўлиб, бундан бирор кимса қутула олмайди”. Аллоҳ таоло шайтонни қиёмат кунигача ўз ҳолига қўйиб қўйишни ирода этди. Аллоҳ таоло айтади: “Шайтон хамр ва крмор оркрли орангизга душманлик ва адоват солиш, Аллоҳ зикри ва намоздан тўсишни истайди. Шунда ҳам тийилмайсизларлш?”(Моида, 91).

64. улардан кучинг етганини овозинг билан қўзғат, улар устига отлиқ ва пиёда қўшинингни торт, топган мол-дунёси ва бола-чақаларида шерик бўл ва уларга ваъдалар қил». Ҳақиқатан шайтон уларга ёлғон-алдовдан бошқасини ваъда қилмайди;
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг шайтонга таҳдид билан «Қўлингдан келганини қил!» деган маънода амр сийғасида, буйруқ майлида қаттиқ гаплар айтгани кўриниб турибди. Одам болаларидан қайси бирига шайтоннинг кучи етса, бор имконини ишга солиб, унга қарши иғво ва васваса билан йўлдан уришга ҳаракат қилиши мумкинлигини айтмоқда. «Наъра тортиб ҳайқир, отлиқ ва пиёда аскарларингни инсонлар устига тортиб бор, хуллас, қўлингдан келган ишларнинг ҳаммасини қўллаб, одам боласидан кимга кучинг етса, мағлуб этиб, ўзингга қаратиб олавер. Васваса билан уларни гуноҳ ишларга чорла, уларни тўғри йўлдан адаштириш учун бор макр-ҳийлаларингни ишга сол. Улар топган мол-мулкка шерик бўл, мол-дунё йиғиш ва ҳаром йўлларга сарфлашни ўргат. Уларни бола-чақалари борасида ҳам фитнага сол, ноқобил ва беодоб фарзанд қилиб вояга етказишга қизиқтир, уларга ботил ва ёлғон ваъдалар бериб алда!» дейилмоқда. Ҳақиқатан шайтоннинг овозли аскарлари жуда кўп. Одамларни йўлдан оздириб, шайтонга мағлуб қилувчи овозлар, айниқса кейинги асрларда жуда кўпайган. Шунингдек, шайтоннинг отлиқ ва пиёда аскарлари ҳам жуда кўп. Улар ҳам турли йўллар ва услублар билан одам болаларини йўлдан уриб, шайтоннинг йўлига бошлашга тинмай ҳаракат қилишади. Шайтоннинг ҳамма ваъдаси фақат ёлғон ва алдамчиликдан иборатдир. Нотўғри йўлларга ва қинғир ишларга бошлар экан, уларни “тўғри” деб уқтиради, оқибатини ҳам чиройли қилиб кўрсатади. Шайтоннинг энг хатарли ва инсон зотини ғурурга кетказувчи ваъдаси: «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ, охират, ўлим ҳақида ҳозирдан ўйлама, барибир гуноҳинг кечирилади» деган алдовидир.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Бўстонул-орифин”да шундай ёзади: “Кимнинг таоми ҳаром бўлса, гарчи “Бисмиллаҳ”ни айтса ҳам шайтон: “Йўқ, бу таомни касб қилиб топганингда мен сен билан бирга эдим. Демак, бунда сенга шерик бўламан ва энди сендан сира ажрамайман”, дейди. Агар таоминг ҳалол бўлса ва унинг устида “Бисмиллаҳ”ни айтиб есанг, шайтон сендан қочади. “Бисмиллаҳ” демасанг, шайтон яна сенга шерик бўлади”.

65. «бандаларим устидан сенинг ҳеч қандай ҳукмронлигинг йўқ. Парвардигорингнинг Ўзи вакилликка кифоядир».
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани ҳақиқий мўминлар қалбига хотиржамлик солиш билан якунлайди. Эй шайтон, сен ҳақиқий ва ихлосли бандаларимни йўлдан оздиришга қодир эмассан. Ким Аллоҳга ҳақиқий банда бўлса, қалби Аллоҳга имон билан тўлиб-тошган бўлса, Парвардигорига ибодат билан банд бўлса, бундай бандага шайтоннинг ҳеч қандай таъсири тегмайди, шайтон ҳеч қачон бундай бандани ўзига бўйсундира олмайди. Чунки чин мўминлар У Зотга таваккул қилишади, шайтоннинг макр-ҳийла ва фитналаридан асрашида ёрдам сўрашади. Энг яхши вакил ва муҳофазачи бўлган Парвардигорнинг Ўзи одам болаларини шайтон васвасасидан асрайди, уни енгишда инсонга ёрдам беради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида шайтонга хилоф иш қилиш дунё ва охиратда саодатга йўллашини баён қилиб ўтганлар. Имом Аҳмад саҳоба Сабра ибн Фокиҳ розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: “Дарҳақиқат, шайтон Одам боласини дин йўлида кутиб ўтиради ва шундай дейди: “Ота-боболаринг сиғиниб келган динни ташлаб, мусулмон бўлмоқчимисан?”. У (имон-эътиқодли киши) шайтонга исён қилиб, мусулмон бўлади. Сўнгра (шайтон) унга ҳижрат йўлидан келиб, шундай дейди: “Ўз ерингни ташлаб, ҳижрат қилмоқчимисан?” У киши шайтонга исён қилиб, ҳижрат қилади. Шундан кейин у (нафс ва мол жиҳоди) йўлидан келиб, унга шундай дейди: “Сен ўлдириласанми ёки бир аёлни никоҳингга олиб, молингни берасанми?” У киши шайтонга исён қилиб, жиҳодга чиқади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким худди шундай қилса ва шу ҳолатда вафот этса, ўша бандани жан-натга киритиш Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади”. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шайтон бирингизга келиб: «Буни ким яратди, уни ким яратди?» дейди. Ҳатто: «Парвардигорингни ким яратди?» ҳам дейди. Агар шунгача бориб етса, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар» (Бухорий ривояти).

66. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун денгизда кемаларни юргизиб қўйган Зотдир. У сизларга раҳмлидир.
Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибонлиги ва карами шунчалар кенгки, У инсонларнинг дунё ҳаётида ортиқча қийинчилик ва машаққат кўрмай, осуда ҳаёт кечиришлари учун барча имконият ва қулайликларни яратиб ҳам берган. Инсонларнинг ризқ талабида денгизда Аллоҳ юрғизиб қўйган кема ва бошқа уловлардан фойдаланишлари ҳам ана шу қулайликларнинг бир кўринишидир. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга турмуш ўтказишни осонлаштириб беради, турли улов ва воситаларни уларга хизмат қилдириб қўяди. Бу иш ҳам Аллоҳнинг бандаларига меҳрибонлик билан ато қилган улкан неъматларидандир.

67. Денгизда сизларга фалокат етса, Ундан ўзга илтижо қиладиганларингиз ғойиб бўлур. Сизларга нажот бериб, қуруқликка чиқаргач эса, юз ўгирасиз. Инсон ўзи ношукрдир.
Аллоҳтаоло бандаларининг ҳаёт кечиришлари осон бўлиши учун денгизда кемаларни ҳам юргизиб қўйган. Бандалар бу катта неъматга қанчалар шукр қилишса, шунча оз эди. Аммо улардан баъзилари ношукрликка боришади. Аллоҳнинг йўлидан тойиб, шайтоннинг йўлига кириб кетишади. Улар Аллоҳдан ўзгани валинеъмат тутадилар. Борди-ю, Аллоҳ берган неъматдан фойдаланиб, денгизда кемага миниб кетишаётганда фалокат юз бериб қолса, энди ўзларини бошқача тутадилар: фалокатни сезиб, Парвардигорларига илтижо қилиб қолишади. Чунки денгиздаги фалокат кўлами қуруқликдагига қараганда таҳликалироқ бўлади. Бунинг ўзига хос қўрқинч ва талвасалари бор. Шунинг учун ҳам денгизда фалокатга йўлиққан одам, ким бўлишидан қатъи назар, дарҳол бевосита Аллоҳ таолога илтижо қила бошлайди. Ҳатто кофир бўлса ҳам Аллоҳга ёлвориб, ёрдам ва нажот сўрайди. Мушрик бўлса, сохта худоларини қўйиб, биру бор Аллоҳнинг Ўзига ёлворади. Фалокат вақтида ёлғиз Аллоҳга илтижо қилган банданинг ношукрлиги фалокатдан қутулганидан кейиноқ юзага чиқади. Аллоҳ таоло унга нажот бериб, фалокатдан қутқариб, қуруқликка чиқарса, банда ҳеч нарса бўлмагандай, аввалги ҳолига қайтади, Аллоҳнинг йўлидан юз ўгириб кетаверади. Фалокатдан қутулганидан кейин қўрқинчли ҳолатини унутади. Аллоҳни ҳам ёдидан чиқаради. Чунки инсоннинг ўзи унутувчидир, ношукрдир. Аммо бундан имони борлар мустасно, улар доимо Аллоҳнинг неъматига шукр этиб, доимо ибодатида собитқадам бўлишади.

68. Сизларни қуруқлик томонидан ерга юттириб юборишидан ёки устингиздан тош ёғдиришидан, сўнгра ўзларингиз учун халоскор топа олмай қолишдан хотиржаммисиз?!
Куфр келтирган кимсалар нажотга эришганлари заҳоти бунга муваффақ қилган Зотниунутишади,Унингамрларидан юзўгиришади. Ушбу ояти каримада ана шундай кимсаларга хитоб қилиб айтиляптики, эй ношукр бандалар, денгизда фалокатга учраганингизда қўрқиб кетиб, фақат Аллоҳга юкунган, Унга илтижо қилган эдингиз. Энди У сизни қутқарганидан кейин қуруқликка чиқиб олиб, юз ўгириб кетишингиз қанақаси бўлди? Ёки қуруқликда, ер юзида Аллоҳнинг фалокатига учрамайман, деб хотиржаммисиз?! Сувда фалокатга учратган Аллоҳ қуруқликда ҳам фалокатга учратишга қодир. Ёки У Зот сизларни қуруқликнинг бир томонига юттириб юборишидан хотиржаммисиз?! Ерга юттирмаса, бошқа фалокатга ҳам учратиши мумкин. Ана шундай фалокатларга учрашдан ҳам хотиржаммисиз?! Мисол учун, Аллоҳ устингизга шамол йўллаб, тош ёғдира олмайдими?! Хотиржам бўлишга асло ҳаққингиз йўқ, чунки Аллоҳ бало-фалокатларини юборган пайтда ўзларингиз учун бирор халоскор-қутқарувчи топа олмай қоласиз.

69. Ёки У сизларни унга яна бир марта қайтариб, устингиздан шиддатли шамол юборишидан, куфр келтирганингиз сабабли ғарқ қилиб юборишидан ва ўзингизга Биздан ўч олувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?!
Инсон шунчалар ҳам гофил ва фаросатсиз бўладими? Бугун денгиздаги фалокатдан қутқариб қолган Аллоҳ Ўзига ношукрлик қилиб, юз ўгириб кетган кимсаларни эртага яна денгизга иши тушадиган қилиб қўймасмиди? Уларни яна кемада фалокатга учратмай қўярмиди? Эй ғофил бандалар, сизлар фақат денгиздаги фалокатдан қўрқадиган бўлсангиз, билиб қўйингки, Аллоҳ сизни яна бир бор денгизга қайтариб, кемага миндиргач, ношукр бўлганингиз сабабли ҳалок қилиши мумкин. Бу У Зотга жуда ҳам осон иш. Сувга осонгина чўкиб, ҳалок бўлиб кетаверасиз. Сизнинг орқангиздан хун сўровчи ҳам, қасос олувчи ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйган-у, аммо кўпгина ношукр инсонлар бунинг қадрига етмайдилар.

70. Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азизу мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда кўтариб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча мавжудотлар орасида Одам болаларини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда. Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамлиқцан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби мукаммал аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло Одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, уни улуғлади. Бундай шарафга бошқа ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Аллоҳ таоло яна Одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Инсон ақли билан бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақли орқали турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Яна Аллоҳ таоло инсонга ваҳий туширади. Одамлар ичидан пайғамбар танлаб олади. Пайғамбарларга илоҳий китоблар нозил этади. Шариат ҳукмларини юборади. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига исбот-далилдир.
Шунинг учун ҳам Ислом дини инсонни қадрлайди, улуғлайди, шарафи ва мартабасини юксакларга кўтаради. Ислом наздида барча инсонлар бирдирлар, бир-бирларига биродардирлар. Улардан бири бошқасидан ҳеч нарсада - на бойликда, на мансабда, на чиройи ёки хушбичим гавдаси билан, на жамиятда тутган ўрнию инсонларга етказаётган фойдаси билан устун бўлолмайди. Аллоҳ наздида инсонларнинг энг улуғи фақат Унинг ўзидан қўрқадиган тақводорларидир. Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, уларни Одам фарзандларига бўйсундириб, хизматкор қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар, автомобиль, поезд каби транспорт воситаларида, ҳавода эса самолёт ва вертолёт каби учоқларда учиб, денгизда эса қайиқ ва кемаларда юриб, оғир ишларни осонгина бажаради, узоғини яқин қилади. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган жонзотлар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Парвардигор жорий этган қонун-қоидаларга бўйсунган ҳолда уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ Одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Аллоҳ таоло яна Одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб бериб қўйган. Уларни санаб, адоғига етиб бўлмайди. Одам фарзанди эса бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилиши, У ҳаром қилган нарсалардан узоқда бўлиши керак. Ана шу ҳисобсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло Одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир. Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиши ҳам шунга далолатдир. Аллоҳ таоло охирги индирган Китоби Қуръони каримда: «...Одам болаларини азизу мукаррам қилдик» деб эълон қилишининг ўзи ҳам катта обрў-эътибордир.
Шулар билан бирга Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Уларни санаб, саноғига етиб бўлмайди. Одам бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, жуда яхши бўлади. Ана шу сон-саноқсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир. Одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир.

71. Биз барча одамларни ўз имомлари билан чақирадиган Кунни эсланг. Кимга китоби ўнг томонидан берилса, ўшалар китобларини ўқишади ва уларга заррача зулм қилинмайди.
Аллоҳ таоло қиёмат куни барча одамларни ўз имомлари билан чақиради. Ояти каримадаги бошқаларни эргаштирувчи, одамлар олдида турувчи пешво маъноларини англатадиган «имом» сўзини муфассирлар турлича шарҳлашган. Баъзилар “ҳар бир қабила ёки қавмнинг сардори, йўлбошчиси” деса, айримлар “имом”дан мурод, унинг дунёда қилган амаллари ёзилган китоби, яъни “номаи аъмоли” деб тафсир қилишган. Демак, қиёмат куни Аллоҳ ҳар бир инсонни номаи аъмоли билан чақиради. Яъни, қиёмат қойим бўлиб, ҳамма қайта тирилиб, маҳшарга тўпланганида, ҳаммага номаи аъмоли берилади. Ўшанда китоби ўнг томонидан берилганлар ўзларининг амал китобларини хушнудлик билан ўқиб, хурсанд бўлиб кетишади. Чунки номаи аъмоли ўнг томонидан берилганлар дунё ҳаётида савобли амалларни, ибодатларни кўп қилгани туфайли жаннат билан муждаланган бахтиёр мўминлардир. Номаи аъмол китобинингўнгтомонидан берилиши яхшилик аломатидир. Аҳли жаннатларнинг, яъни жаннатга элтувчи амал қилиб ўтганларнинг номаи аъмол китоби ўнг томонидан, кофир ва мушрикларнинг китоби чап томонидан берилади. Китоби ўнг томонидан берилганлар дунёда ана шундай ишлар қилиб яшаганларидан мамнун бўлишади. Уларга ажру савоблар тўлалигича берилади, заррача ҳам зулм қилинмайди.

72. Ким бу дунёда сўқир бўлса, у охиратда ҳам сўқир ва бутунлай йўлдан адашган бўлади.
Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ким Менинг эслатмамдан юзўгирса, (кофир бўлса), унингучун танг турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат куни кўр ҳолида тирилтирамиз” (Тоҳо, 124). Ким бу дунёдан имонсизликда, гуноҳ ва исён қилиб ўтса, бу ўша кимсанинг сўқирлиги, юзидаги кўзларию қалб кўзининг кўрлиги, Аллоҳнинг тўғри йўлини, ҳидоятини кўролмаслигидир. Бундай бахтсиз кимсаларнинг бу дунёда илоҳий ҳақиқатни кўра олмай, гумроҳликда, сўқирликда ўтганлари етмагандай, улар энди охират дунёсида ҳам бундан баттар сўқир ва гумроҳ бўлишади. Улар қиёмат тўполонида нима қилишини билмай, йўл топа олмай сарсон югуради, ўзини ҳар томонга уради. Хору зорликка йў-лиқади. Умуман, қаёққа боришини билолмай, охири дўзахга тушади. Охиратда шундай экан, улар бу дунёда ҳам ўзлари кўр-гумроҳ бўлганлари етмагандек, бошқаларни ҳам эргаштиришга уринишади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам йўлдан урмоқчи бўладилар. Уларнинг Аллоҳнинг Пайғамбарига нисбатан қиладиган фитналари баёни келгуси оятларда келади:

73. (Эй Муҳаммад), улар Бизнинг шаънимизга бошқа нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун фитна қилиб, Биз ваҳий қилган нарсадан буриб юборишларига сал қолди. У ҳолда сизни дўст қилиб олган бўлишарди.
Атонинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, “Бу оят Сақиф қабиласининг элчилари ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ҳаддан ортиқ кўп савол беришди. Саволлар қуюшқонга сиғмайдиган бемаъни саволлар эди. Улар “Бир йил бизни Лот (бут) билан фойдалантир, Макканинг дарахтларини, қушларини, ҳайвонларини ҳарам (ҳурматли) қилганингдек, бизнинг диёримизни ҳам ҳарам қил”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан бош тортиб, уларга жавоб бермадилар. Шунда улар янада кўпроқ саволлар билан мурожаат қилишди: “Бизнинг араблардан устун эканимизни араблар билишини хоҳлаймиз. Биз айтаётган нарсаларни хоҳламасанг, арабларнинг “бизга бермаган нарсангни уларга бердинг” дейишларидан қўрқсанг, унда уларга “Буни менга Аллоҳ буюрди, дейсан”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ҳеч нарса демадилар. Улар яна умид қила бошлашди. Шунда Умар: “Сизларнинг гапингиз ёқмагани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб беришни истама-ётганларини кўрмаяпсизларми?” деди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар хоҳлаган нарсани бажармоқчи эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Шунга ўхшаш таклифлар аввалда ҳам бошқа пайғамбарларга бўлгани тарихдан маълум. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнингтаклифларини қабул қилганларида Аллоҳнинг ваҳийсидан бурилиб кетган, Аллоҳнинг шаънига, У Зот индирган ваҳийга бошқа нарсани тўқиган бўлар эдилар. Мушриклар эса Пайғамбар алайҳиссаломдан айни шундай ҳолдагина, яъни Аллоҳ ваҳий қилган нарсадан бурилиб, Аллоҳнинг шаънига ваҳийдан бошқа нарсани тўқиганларидагина рози бўлиб, у зотни дўст тутган бўлишар эди.

74. Агар сизни саботли қилмаганимизда, ҳақиқатан уларга мойил бўлишингизга оз қолган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча одамларнинг тезроқ мўмин-мусулмон бўлишига рағбатлари кучли эди. Бу йўлда у зот ҳатто Макка мушриклари билан муросага боришга ҳам тайёр эдилар. Аммо Аллоҳтаоло Ўзининг суюкли Пайғамбарини мушрикларнинг фитнасидан омонда тутиб, Ўз ваҳийлари билан тўғри йўлда собитлик билан туришларини ирода қилди. Қатода айтади: “Бир неча қурайшлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тонг отгунча бирга бўлди. У зот билан гаплашишди, у зотни ҳурматлаб улуғлашди, ўзларига яқин олишди, мақом-даражаларини мақташди. “Сиз ҳеч бир инсон келтирмаган нарсани олиб келдингиз, сиз саййидимизсиз, нақадар яхши раҳбарсиз” деб тинимсиз авраб-алдашди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар хоҳлаган баъзи нарсаларда ён бериб юборишларига сал қолди. Кейин Аллоҳ таоло у зотни бундан тўсиб, ушбу оятни нозил қилди”.

75. Шундай бўлганида сизга дунёда ҳам, охиратда ҳам икки ҳиссадан (азоб) тоттирган бўлардик. Сўнгра Биздан ҳимояланишга бирор ёрдамчи топа олмас эдингиз.
Саид ибн Жубайр ривоят қилади: “Мушриклар Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васалламга “Биз сенга (тазйиқ ўтказишдан) тийилмаймиз. Фақат бизнинг илоҳларимизга яқин келиб, бармоқларинг учи билан бўлса ҳам тегсанггина (тийиламиз)”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар шундай қилсам, менга нима бўлади, мен бу ишдан пок эканимни Аллоҳ билиб турибди”, дедилар. Шунда Аллоҳтаоло ушбу суранинг юқоридаги уч оятини “Сўнгра Биздан ҳимояланишга бирор ёрдамчи топа олмас эдингиз”гача нозил қилди”.

76. Улар сизни қўзғатиб, бу ердан чиқариб юборишларига сал қолди. Шундай бўлганда ҳам улар сиздан кейин кўп туришмайди.
Макка мушриклари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни жойларидан қўзғатиб, Маккадан чиқариб юбориш режасини тузишган эди. Аммо Аллоҳ таоло огоҳлантиряптики, улар сизни ҳайдаб чиқаришган тақдирда ҳам ўзлари Маккада хотиржам яшай олишмайди, бу ерда кўп тура олишмайди. Ушбу ояти карима но-зил бўлганидан кейин бир йил ўтиб, Набий алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан туғилган она шаҳарларини ташлаб чиқиб, Мадинага ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. Орадан саккиз йил ўтгач эса, у зот улкан Ислом қўшини бошида Маккани фатҳ этиш учун шаҳарга кириб келдилар. Ундаги мушриклар Ислом динини қабул қилишга мажбур бўлишди, бунга кўнмаганлар эса шаҳарни ташлаб чиқиб кетишди. Шундай қилиб, бутун Араб жазирасида Ислом Пайғамбарига қарши бўлган бирорта одам қолмади. Мужоҳид, Қатода ва Ҳасанлар ривоят қилишади: “Макка аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккадан чиқариб юборишга ҳаракат қилди. Шунда Аллоҳ таоло у зотни Маккадан чиқиб кетишга буюрди ва мушрикларнинг мақсадларини билдириб, ушбу оятни нозил қилди”. Баъзи муфассирлар (масалан, Хозин) Маккадан эмас, балки Мадинадан Шомга чиқариб юбормоқчи бўлишган, деган ривоятни келтиришади. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага кўчиб келганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар “Барча пайғамбарларнинг жойи Шом” деб у зотни кўчиб кетишга кўндиришларига сал қолган.

77. Бу сиздан олдин юборган пайғамбарларимизнинг суннатидир. Бизнинг суннатимиз ўзгарганини кўрмайсиз.
Яъни, эй Муҳаммад (алайҳиссалом), пайғамбарларни сиғдирмай, ўз юртидан қувиб чиқарган ёки шунга уринган нобакорларни ҳалок этиш одати сиздан олдин юборилган пайғамбарларга нисбатан ҳам жорий қилиб келинган. Чунки Аллоҳ юборган пайғамбарни беҳурмат қилиб, ўз юртидан ҳайдаб чиқариш катта нобакорликдир. Бу ишга эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Аллоҳтаоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги Пайғамбар бўлишларини ва у кишининг шариатлари қиёмат кунигача туришини ирода қилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у зотнинг қавмларини таг-туги билан йўқ қилиб юборишни хоҳламади, яъни уларни тамоман ҳалокатга юз тутишларига сабаб бўлувчи ишлардан сақлади. Шундан кейинги оятларда Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва-салламга хитоб қилиб, бошқа нарсаларни қўйиб, УнингЎзига янада кучли боғланишга, Унинг Ўзидангина ёрдам сўрашга, Ўз йўлидан оғишмай боришга буюрди:

78. Куёш оғишидан то тун қоронғисигача намозни тўкис адо этинг ва «фажр Қуръони»ни ҳам. Зеро, «фажр Қуръони» шоҳид бўлинадигандир.
Кўпчилик муфассирлар ушбу ояти каримада беш вақт намозни адо этишга ишора борлигини таъкидлашади. Масалан, «қуёш оғиши» - заволга кетиши билан пешин намозининг вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси аслидан икки баробар катталашганда эса, аср намози бўлади. Қуёш ботиши билан шом, кеча қоронғиси келганда хуфтон намозлари ўқилади. Тафсирчи уламолар «фажр Қуръони» деганда бомдод намози назарда тутилганини айтишади, чунки бомдод намозида Қуръон қироати узун бўлади. Яна бомдод намозининг ўқилишига кечанинг ва кундузнинг фаришталари гувоҳ бўлишади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Жамоат намози бирингизнинг ёлғиз ўқиган намозидан йигирма беш баробар афзалдир. Тунги фаришталар ва кундузги фаришталар бомдод намозида жам бўлишади» деганларини эшитганман». Сўнгра Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Истасангиз, «Фажр Қуръони» шоҳид бўлинадигандир» оятини ўқинг», деди» (Бухорий ривояти). Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, жумладан: «Сизларга кечаси алоҳида фаришталар, кундузи алоҳида фаришталар алмашиб, келиб турадилар. Улар аср ва бомдод намозларида жам бўладилар», дейилади. Демак, ушбу икки вақт ибодат учун, Аллоҳга бандалик қилиш учун алоҳида эътиборли ва баракали вақтлардир.

79. Кечанинг бир қисмида таҳажжуд билан бедор бўлинг, у сизга нофиладир. Шоядки, Парвардигорингиз сизни Мақоми маҳмудда тирилтирса.
«Мақоми маҳмуд» (мақтовли мақом) - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни аввалгилару охиргилар мақтайдиган мақом, у кишига берилган «улкан шафоат» мақомидир. Аллоҳ таоло охир-замон Пайғамбарини, ўтгану қолган гуноҳлари кечирилган зотни, яъни Муҳаммад алайҳиссаломни «Мақоми маҳмуд»га эришиш учун намозларни қолдирмай, тўла-тўкис адо этишга, бунинг устига, кечаси бедор бўлиб, таҳажжуд намози ўқишга буюриши бу нафл намозининг ўта муҳим ибодатлардан эканини билдиради. Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади. Таҳажжуд намози “қиём намози” ҳам дейилади. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Парвардигорингизга қурбатдир, ёмонликларга каффоротдир, гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейилган (Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривояти). Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ибодатларнинг ичида тунги намоз каби кучлисини кўрмадим», деган. У кишидан: «Нима учун одамларнинг ичида таҳажжуд ўқувчиларнинг юзлари энг чиройли бўлади?» деб сўрашганида: «Чунки улар Раҳмон билан холи қолишган ва У Зот уларга Ўз нуридан кийдирган», деган экан.

80. Ва айтингки: «Парвардигорим, кирадиган жойимга содиқлик билан киритиб, чиқадиган жойимдан содиқлик билан чиқаргин ва менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато қил!».
Аллоҳтаоло Ўз Пайғамбарига яна буюряптики, эй Пайғамбарим, кирадиган жойимга, яъни Мадинаи мунавварага мени содиқлик билан киритгин, чиқадиган жойимдан, яъни Маккаи мукаррамадан содиқлик билан чиқаргин, денг. Ҳасан айтади: “Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тутиб, боғлашга ва Маккадан чиқариб юборишга қасд қилишганида Аллоҳ таоло Макка аҳлининг чорасиз қолишини истаб, Ўз Пайғамбарини Мадинага ҳижрат қилиб чиқишга буюрди ва ушбу сўзини нозил қилди”.

81. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Ҳақ келди, ботил эса йўқ бўлди. Чунки ботил ҳамиша йўқ бўлувчидир».
Ҳақ, яъни имон ва Ислом келди. Ботил эса, яъни куфр ва ширк йўқ бўлди. Чунки ҳақ бор жойда ботилга ўрин бўлмайди. Ботил нарса узоқ яшамайди, барибир бир куни йўқ бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос рози-яллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни Маккага туяларига миниб келдилар ва Каъбани тавоф қила бошладилар. Каъба атрофида ерга ггўлат билан маҳкамланган бут ва санамлар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидаги таёқча билан уларга ишора қилиб: “Айтинг: «Ҳақ келди, ботил эса йўқ бўлди. Чунки ботил ҳамиша йўқ бўлувчидир», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси санамнинг юзига ишора қилсалар, у юзтубан йиқиларди. Каъба атрофида бирорта санам қолмай ҳаммаси йиқилди”. Шу ўринда машҳур замондош олимлардан бирининг мана бу сўзларини келтириш ўринлидир: “Шуни таъкидлаш зарурки, бугунги кунда мусулмонларнингянги авлоди ғарб маданияти, илмлари ва кашфиётларининг кўринишларига мафтун бўлдилар. Динлари билан бўлган руҳий ва ижтимоий алоқалари заифлашди. Бунинг сабаби, уларнинг ўз динлари таълимотларини яхши билмасликларидан, диний маданиятлари савиясининг пастлигидандир. Минг афсуски, бунинг натижасида олдидаги юзаки нарсаларни кўриб, ҳақиқий нарсаларни кўра олмайдиган тоифалар пайдо бўлди. Бу ўткинчи ҳолатнинг узоқ давом этмаслиги табиий. Модомики, Ислом жамиятида ҳақ билан ботилни ажратадиган ақл бор экан, модомики илмнинг нури бор экан, улар албатта соф табиатли динларига қайтишади, унга янгидан имон келтиришади. Унинг муқаддас соясида инсон виждони ва ақли рози бўладиган тарзда саодатли ҳаёт кечиришади”.

82. Куръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга фақат зиённи кўпайтиради.
Қуръони карим ҳақиқатан содиқ мўминлар учун хоҳ жисмоний, хоҳ руҳий - барча дардларига шифодир. Ундан Китоби орқали ихлос билан хасталикларига даво сўрашса, Аллоҳ уларни ноумид қолдирмайди. Дарҳақиқат, Қуръони карим шифодир, Аллоҳнинг раҳматидир. Каломуллоҳ куфр, ширк ва мунофиқлик каби энг зарарли ақидавий хасталикларни даволайди. Қуръони карим қалблардаги турли иллатларнинг - ҳасад, риё, бахиллик, манманлик, мутакаббирлик ва бошқа касалликларнинг шифосидир. Шунингдек, у турли ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий, муомалавий, сиёсий ва бошқа соҳалардаги хасталикларни муолажа қилади. Турли дардларга даво бўлувчи бу шифони борлиққа нозил қилган Зот борлиқни Ўзи яратган ва унга қандай шифо кераклигини ҳам Ўзи яхши билади. Бу дунё турли моддий ва маънавий касал-ликларга тўлиб-тошган касалхона бўлса, ўша касалхонанинг бош табиби ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу “даво”ни Аллоҳ таолонинг Ўзи нозил қилгандир. Шунингдек, Қуръони карим мўминлар учун раҳмат ҳамдир. У ҳар бир нарсада - шахсий, ақидавий, оилавий, ижтимоий, халқаро, сиёсий, иқтисодий, сиҳҳий ва бошқа соҳаларда раҳматдир. Унга амал қилганлар ҳар томонлама Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўладилар. Қуръони каримнинг ана шу бемисл ҳикматларидан баҳраманд бўлиш фақат Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, Унинг Китобига имон келтирган инсонларгагина насиб бўлади. Аллоҳнинг ваҳийларига исён қилиб, уларни инкор этиш орқали зиён кўраётган золимлар эса бу бахтдан бенасибдирлар. Аллоҳнинг Китобини ўқиш, ундаги буйруқ ва қайтариқларга амал қилиш ўрнига илоҳий ваҳийларни ёлғонга чиқарувчи золимлар бу қилмишлари билан фақат ўзларига зарар келтиришади. Улар ғурур ва осийликлари туфайли Қуръондан юз ўгириб кетишади ва бу қилмишлари билан ўз жонларига зулм қилган бўлишади. Золимлар соф фитратга зулм қилиб, имон ўрнига куфр келтирганлардир. Улар имонга чақирувчи Қуръон оятларига ишонмаганлари ва амал қилмаганлари учун гуноҳлари, зиёнлари кундан-кунга кўпайиб бораверади. Бундайлар илоҳий шифодан ва раҳматдан бенасиб қолади.

83. Инсонга неъмат ато этганимизда у юз ўгириб, четга бурилиб кетади. Унга ёмонлик етганида эса, ноумид бўлади.
Имонсиз, кофир кимсалар Аллоҳ неъматларининг қадрига етмайди, бунинг устига улар куфри туфайли шифодан ва раҳматдан бебаҳра қолган. Натижада унга неъмат етиб қолса, ўзидан кетади, ҳовлиқиб, ҳаддидан ошади. Неъмат берувчига шукр қилиш ўрнига, Ундан юз ўгириб, четга бурилиб, узоқлашиб кетади. Худди шу сабабдан унга ёмонлик етганда ҳам ўзини нотўғри тутади. Сабр қилиб, Аллоҳдан ёрдам сўраш ўрнига ноумид бўлади. Имонсизликнинг оқибати мана шундай расволикдир. Неъматга шукр қилинмаса, у албатта заволга учрайди, йўқолади. Фузайл ибн Иёз айтган: «Сизларга неъматлар учун доимо шукр айтмоғингиз вожибдир. Қавмдан кетган бир неъматнинг яна қайтиб келиши жуда мушкулдир».
Берилган неъматларга шукр қилиш фақат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсаларни билиш билан камолига етади. Зеро, шукрнинг маъноси Аллоҳ неъматларини Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган жойларга ишлатишдир. Бунинг акси куфроналик, яъни неъматларни тарк этиш ёки Аллоҳ ёмон кўрадиган ерларда ишлатиш бўлади. Шукрнинг эса даражалари кўп: банданинг Аллоҳ таоло ўзига берган неъматларига шукр айтишдан ожизлигини билиши -шукр айтишдир. Аллоҳнинг буюк мағфиратини ва Унинг гуноҳларни беркитишини англаш ҳам шукр этишдир. Ўзи муносиб бўлмаса ҳам Аллоҳ неъматларни бериб қўйганини эътироф этиш ҳам шукр-дир. Неъмат келганида чиройли тавозуъ кўрсатиш ва Аллоҳга бўйин эгиш - шукр. Шукр этишнингўзи Аллоҳтаоло неъматларидан бири эканини англаш ҳам шукрдир. Восита бўлганларга раҳмат-миннатдорчилик айтиш ҳам шукрдир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида келганидек: «Инсонларга раҳмат айтмаган одамдан Аллоҳ рози бўлмайди». (Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривояти). Неъмат бергувчи Зотга эътироз билдиришдан сақланиш ва чиройли одоб кўрсатиш ҳам шукрдир. Неъматни чиройли қабул қилиб олиш ва кичигини ҳам катта деб билиш ҳам шукр этишдир.

84. «Ҳар ким ўз ҳолича амал қилади. Парвардигорингиз ким тўғри йўлдалигини яхши билувчидир», деб айтинг.
Ҳар бир банда ўзининг иқтидори, имкониятлари ва билими даражасида амал қилади. Ҳеч бир кишига тоқатидан ортиқ нарса юкланмайди. Куфр ва ширк йўлини танлаганлар ўз йўлларидан боришаверсин, уларнинг бу қилмиши мўминларни тушкунликка солмаслиги лозим. “Ҳар ким экканини ўради”, деганларидай, қиёмат куни барча инсонлар маҳшаргоҳга, Аллоҳнинг ҳисоб-китобига тортилиш учун тўпланишганда ҳар бир банданинг қилган амалига яраша мукофот ёки жазо берилади. Ким ҳидоят топиб, Аллоҳнинг ҳақ йўлида юрибдию, ким залолат сари юз буриб, йўлидан адашганини Парвардигорингиз жуда яхши билади. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Албатта, қонларингиз, молларингиз, шаън-обрўларингиз сиз учун худди шу кунингиз, шу юртингиз, шу ойингизнинг муқаддаслиги каби муқаддасдир. Албатта, Роббингизга йўлиқурсиз ва У сиздан амалларингиз ҳақида сўрайди. Огоҳ бўлинг! Мендан кейин залолатга қайтиб, баъзингиз баъзингизнинг бўйнига (тиғ) урманглар! Огоҳ бўлинг! Ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсин! Шоядки, етказилган баъзи кишилар буни эшитганлардан кўра яхшироқ сингдирса», дедилар. Сўнгра: «Огоҳ бўлинг, етказдимми?! Огоҳ бўлинг, етказдимми?!» дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

85. (Эй Муҳаммад), сиздан руҳ ҳақида сўрашади. «Руҳ Парвардигоримнинг ишидандир, сизларга жуда оз илм берилган», деб айтинг.
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, ҳар бир жасаднинг алоҳида руҳи (жони) бор. Ҳар бир жасад қиёматда ўз руҳи билан қайта тирилади ва ҳисобга тортилади. Руҳ Аллоҳ таолонинг ғайбий синоатларидан бўлиб, бу ҳақда инсонларга жуда оз билим берилган. Динимиз таълимотларидан бехабар баъзи одамлар, ақидаси бузуқ айрим қавмлар руҳларнинг бошқа бир инсон ёки жонзотга кўчиб ўтиши (таносух, тажассум каби) ҳақидаги сафсаталарга ишониб юришади. Ваҳоланки, бундай гаплар Ислом ақидасига бутунлай зиддир.
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаби ҳақида шундай ривоятлар келтирилади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Ҳоким ва Ибн Ҳиббонлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Қурайшликлар яҳудийларга: “Бизга бирор нарсаниўргатинг, манави одамдан сўрайлик”, дейишди. Улар: “Руҳ ҳақида сўранглар”, дейишди. Шунда қурайшликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашди. Шу сўровга жавобан «Сиздан руҳ ҳақида сўрашади...» ояти нозил бўлди». Бухорий ва Муслимлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадина кўчаларидан бирида кетаётган эдим. У киши бир шохга таяниб олган эдилар. Шу пайт бир гуруҳ яҳудийлар дуч келди. Улар бир-бирларига: «Бундан руҳ ҳақида сўранглар», дейишди. Улардан баъзилари ўринларидан туриб келиб, руҳ ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермай, жим туриб қолдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келаётганини дарҳол сездим. Турган жойимда кутдим. Ваҳий нузули тўхтаганидан сўнг, у зот соллаллоху алайҳи васаллам: «Сиздан руҳҳақида сўрашади...» оятини тиловат қилдилар». Шунинг учун ҳам тафсирчилар «Ушбу ояти карима икки марта, яъни Маккада бир, Мадинада бир нозил бўлган», дейишади. Бу борада келган бошқа ривоятларга кўра, яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан яхши билишган. Тавротда бу ҳақда маълумот бўлган. Упар қурайшликларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашни ўргатиш билан бирга, «Агар жавоб берса, пайғамбар эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий пайғамбар бўлади», дейишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий пайғамбар бўлганлари учун ҳам руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар. Бу жавоб: «Руҳ Парвардигоримнинг ишидир», дейиш эди. Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳнинг иши, банданинг иши эмас. Банда қанчалик мақтанмасин, чиранмасин, илми оздир, чунки унга жуда оз илм берилган. Банданинг ўзидаги ана шу оз илм билан мақтаниш ва кибрга бориш ўрнига идроки етадиган, ўзига фойда келтирадиган нарсаларни билдирган Аллоҳга шукр этиб, қолган ҳамма нарсани У Зотга ҳавола қилиши керак эди. У ақл-идроки доирасидаги ишлар билангина шуғулланиб, ундан ташқаридаги нарсалар хусусида беҳуда бош қотирмаслиги керак. Булар қаторига руҳ масаласи ҳам киради. Ҳозиргача инсоннинг руҳ ҳақида бирор нарса билиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетди, бу ҳақда ҳеч нарса била олмади. Инсон руҳ ҳақида билган бирдан-бир нарса Аллоҳ юборган ваҳий, холос.

86. Агар хоҳласак, сизга ваҳий қилган нарсаларимизни кетказамиз. Сўнгра Бизга қарши ўзингизга вакил топа олмайсиз.
Аллоҳ таоло айтяптики, эй Пайғамбарим, сизга ва умматингизга Қуръони каримнинг нозил қилиниши Менинг катта марҳаматим, иноятим ва буюк фазлимдандир. Ваҳийларимни сизнинг ва саҳобаларингизнинг қалбларига муҳрлаб қўйганман. Агар хоҳласам, уни бир зумда қалбларингиздан, хотираларингиздан ўчириб, тамоман унуттириб қўйишим мумкин. Аммо бандаларимга ўта меҳрибонлигимдан бундай қилмайман. Токи бандаларим ўз ҳаётларини Қуръони карим таълимотлари асосида қуриб олишсин, ҳар бир ишда унга эргашишсин, саволларига ундан жавоб излашсин.
Дарҳақиқат, инсонга берилган илм, ваҳий орқали эриштирилган ҳақиқат Аллоҳ таолоникидир. У Зот хоҳлаган пайтида ўша ваҳийни қайтариб олиб қўйиши мумкин. У ҳолда инсон ҳеч нарса қила олмай қолаверади. Ўртага тушиб, ишни унинг фойдасига ҳал этиб бера оладиган бирон вакил ҳам топа олмайди.

87. Парвардигордан марҳамат бўлсагина, мустасно. Албатта, Унинг фазлу карами сиз учун каттадир.
Ҳақиқатан Аллоҳ таолонинг марҳамати билангина ваҳий қиёматгача боқий қолди, Аллоҳ уни инсониятдан қайтариб олмади. Инсоният қиёматгача Қуръони карим таълимотларига амал қилиб, ундан баҳра олиб, ундан ўрганиб, икки дунё саодатини қўлга кирита олади. Бу эса Аллоҳ томонидан берилган улкан фазлу марҳаматдир. Аллоҳ таоло томонидан фазлу карам сифатида инсонга берилган бу ваҳий, яъни Қуръони карим фақат Аллоҳгагина хос нарсадир. Бунга ўхшаш нарсани Ундан бошқа ҳеч ким келтира олмайди. Яна шуниси муҳимки, Ислом уммати ер юзига юборилган миллат ва қавмларнинг энг бахтлисидир. Чунки унга қиёматгача ҳукми боқий қолувчи Китоб нозил қилинган, бу умматнинг Лайғамбаридан сўнг ер юзига бошқа пайғамбар юборилмайди, бу эса Ислом Аллоҳнинг охирги ҳақ дини эканидан далолат беради. Ислом инсоннинг руҳи қолиб ақлининг, жисми қолиб руҳининг еки туйғулари қолиб қуруқ фикрининг рисолати эмас, балки у инсоннинг бутун борлиғи - руҳи ва ақли, жинси ва замири, иродаси ва виждонининг рисолатидир, ҳар бир инсоннинг, дунёдаги барча комил инсонларнинг динидир. Ислом уммати ана шу рисолат ила шарафланган, бу рисолатга ҳамиша содиқ қолишга байъат берган, бу рисолатни асрлар оша бутун инсониятга етказишга вазифаланган саодатманд умматдир. Умматларнинг энг мўътабари, сараси ва олийи Ислом умматидир. Умматларнинг йўлбошчиси, бутун инсониятга ибрат бўладигани, бошқа инсонларни эргаштирадигани ҳам Ислом умматидир. Умматларнинг энг пешқадами, афзали ва собитқадами ҳам Ислом умматидир. Чунки Аллоҳ таоло «Сиз одамлардан чиққан энг яхши уммат бўлдингиз» (Оли Имрон, 110) деган. Бу умматнинг Китоби Аллоҳ таолонинг мўъжиза каломи, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали бутун инсониятга индирилган илоҳий дастур, ҳукми қиёматгача амалда бўладиган ва ақлларни лол қолдирадиган Қуръони каримдир. Аввалги самовий китоблар инсонлар томонидан ўзгартирилиб, қўшимчалар қилиниб аслиятидан узоқлаштириб юборилгани ҳолда Қуръони каримни қиёматгача бирор ҳарфини ўзгартирмай муҳофаза қилишни Аллоҳ таоло зиммасига олган. Бу умматнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳозиргача тарих кўрган барча пайғамбарларнинг энг аълоси, Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг энг сўнггисидирлар.

88. Айтинг: «Агар инсу жин ушбу Куръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бунда бир-бирларига ёрдамчи бўлишса ҳам унга ўхшашини келтира олишмайди».
Эй Пайғамбарим, уларга айтинг: барча инсонлару жинлар бир бўлиб, бир-бирларига ўзаро ёрдамлашиб ҳаракат қилишса ҳам Қуръонга ўхшаш нарсани келтира олмайдилар. Қуръон сўзлари каби сўз, жумла туза олмайдилар. “Сийрат” китобида ёзилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Маҳмуд ибн Сайҳон, Нўъмон ибн Азо, Баҳрий ибн Амр, Узайр ибн Абу Узайр, Салом ибн Мишкамлар келиб: “Эй Муҳаммад, сен келтирган нарса Аллоҳ тарафидан бўлган ҳақ нарса экани аниқми, чунки бизлар уни Таврот каби батартиб эканини кўрмаяпмиз?” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга “Аллоҳга қасамки, бу Аллоҳ тарафидан эканини аниқ биласизлар, бу ҳақда ҳузурингиздаги Тавротда ёзилганидан ҳам хабарингиз бор. Агар инсонлар билан жинлар бир жойга тўпланиб, бунга ўхшашини келтиришга ҳаракат қилишса ҳам келтира олишмайди”, дедилар. Шунда мушрикларнинг барчалари “Эй Муҳаммад, буни сенга жин эмас, инсон ўргатмаяптими?” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга “Аллоҳга қасамки, бунинг Аллоҳ ҳузуридан эканини ва менинг Пайғамбар эканимни яхши биласизлар, бу ҳақда Тавротда ёзилганини ҳам биласизлар”, дедилар. Улар “Эй Муҳаммад, агар сени пайғамбар қилиб юборган бўлса, Аллоҳ пайғамбари учун ҳамма ишни қилади. Шундай экан, осмондан бизлар ўқий оладиган ва биладиган китоб тушир. Агар шундай қила олмасанг, биз сен келтирган китобга ўхшашини келтирамиз”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида ва айтган сўзлари тўғрисида юқоридаги оятни нозил қилди”.

89. Дарҳақиқат, ушбу Куръонда одамларга турли мисолларни баён қилдик. Шунда одамларнинг кўплари куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар.
Яъни, уларга хайрихоҳлигимиздан ақлларни лол қолдирувчи тамсил ва мисолларни бирма-бир баён қилиб бердик. Токи улар бундан манфаат олиб, Бизга шукр ва мақтовларини айтишсин. Аммо шукр қилиш ўрнига ҳамон итоатсизлик ва ношукрлик йўлларида адашиб юришибди. Дарҳақиқат, Аллоҳтаоло Қуръони каримда одамларни имонга чорловчи, ҳидоятга йўлловчи, уларнинг қалбларини, ҳис-туйғуларини, ақлларини ишга солувчи турли мисолларни баён қилди. Аммо Қуръондаги бу ҳикматларни идрок эта олма-ган инсонлар ҳамма нарсадан, ҳатто имондан бош тортдилар. Бу мисоллардан фойда, баҳра олмадилар. Улар фақат куфрдан, ширкдан бош тортишмади, холос.

90. Улар шундай дейишди: «То бизларга шу ердан булоқ чиқариб бермагунингча асло сенга имон келтирмаймиз»;
Икриманинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Утба, Шайба, Абу Суфён, Валид ибн Муғийра, Абу Жаҳл, Умайя ибн Халаф каби Макканинг бир гуруҳ аслзода ашрофлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг олиб бораётган даъватларидан ғазабга миниб, у зотни чақириш, мақсадларини аниқлашга қарор қилишди. Уларни имонга келишини қаттиқ истаганларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тезда уларнинг олдига етиб келдилар. Шунда улар Пайғамбар алайҳиссаломни ўз йўлларидан қайтариш учун жуда катта нарсаларни ваъда қилишди. Агар бойлик керак бўлса, катта мол-мулк бериб, Макканинг энг бой кишисига айлантиришга, агар амал-мартаба керак бўлса, ўзларига бошлиқ-саййид қилиб олишга, агар подшоҳлик керак бўлса, ўзларига подшоҳ сайлаб олишга рози бўлишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларга келтирган нарсамни мол-мулк, шон-шараф, подшоҳлик талаб қилиш учун келтирганим йўқ, балки Аллоҳ азза ва жалла мени элчи-пайғамбар қилиб юборди, Китоб нозил қилди. Мени хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилди. Мен сизларга Парвардигоримнинг рисолатини етказдим, сизларга насиҳат қилдим. Агар мен келтирган нарсани қабул қилсангиз, бу дин дунёю охиратдаги насибангиздир. Агар рад қилсангиз, Аллоҳ мен билан сизнинг орангизда бир ҳукм қилгунича Аллоҳнинг амрига сабр қиламан”, дедилар. Улар: “Эй Муҳаммад, Парвардигорингдан сўра, мана бу бизни қисиб турган тоғларни биздан нари силжитсин, шаҳримизни кенгайтириб берсин, ерларимизда худди Ироқ ва Шом дарёларидек дарё-анҳорларни оқизиб қўйсин, ўтиб кетган ота-боболаримизни тирилтирсин... Ўшандагина ҳақиқатан сенинг пайғамбар қилиб юборилганингга ишонамиз”, дейишди.

91. ёки сенинг хурмозоринг ва узумзоринг бўлсаю улар орасидан анҳорларни оқизиб қўймагунингча;
Инсоният тарихига назар солсангиз, саркаш ва осий қавмлар ҳамиша Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарларга мана шундай эътирозлар ва қайсарликлар билан бўйсунмай келишган, улар келтирган илоҳий ваҳийларни инкор қилишган, оқибатда барчалари Аллоҳ таолонинг ғазаби ва иқобига учраб, икки дунё саодатини бой беришган. Худди ўшалар каби Макка мушриклари ҳам охирзамон Пайғамбари келтирган таълимотларни рад қилиб, боз устига Аллоҳнинг буюк яратувчилик қудратига ишонмай, у зотдан инсоннинг қўлидан келмайдиган нарсаларни талаб қилишда давом этишди. Улар Пайғамбар алайҳиссаломдан ўзларининг катта-катта хурмозор ва узумзор боғлари бўлишини, улар орасидан эса серсув анҳорлар оқизиб қўйилишини талаб қила бошлашди. Бунга жавобан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна “Мен бунинг учун юборилмадим, мен сизларга Аллоҳ таоло ҳузуридан Унинг буйруқларини келтирдим. Агар қабул қилсангиз, у сизларнинг дунёю охиратдаги насибангиздир, агар рад қилсангиз, мен Аллоҳнинг амрига сабр қиламан”, дедилар.

92. ёки ўзинг даъво қилганингдек, устимизга осмонни парча-парча қилиб туширмагунингча ёхуд Аллоҳ ва фаришталар-ни олдимизга келтирмагунингча;
Ҳар доим бўлганидек, Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-салом олиб келган таълимотларни инкор қилиш мақсадида яна турли баҳона-сабабларни ахтара бошлашди. Энди Аллоҳнинг азобини тезлатишни, устларига осмонни парча-парча қилиб ташлаб юборилишини ёки Аллоҳни ва Унинг фаришталарини олдиларига келтирилишини талаб қила бошлашди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг бу даъволарини бажариш Аллоҳ учун асло қийин ёки иложсиз эмаслигини, ўзлари эса буларни келтиришга вазифадор килинмаганларини уларга баён қилдилар: “Мен Парвардигоримдан буларни сўровчи эмасман, мен сизларга бунинг учун юборилмаганман, балки Аллоҳ азза ва жалла мени хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган”, дедилар. Улар: “Ундай бўлса, устимизга осмондан бир парчасини тушир, Аллоҳ хоҳласа, истаганини қилади”, дейсан-ку!” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу иш Аллоҳга ҳаволадир, агар хоҳласа, шундай қилади”, дедилар.

93. ёки олтиндан бир уйинг бўлмагунича ёхуд осмонга кўтарилмагунингча ҳам, токи биз ўқишимиз учун китоб келтирмагунингча ўша кўтарилишингга ҳам ишонмаймиз». Айтинг (эй Муҳаммад): «Парвардигорим покдир, мен фақат башардан чиққан Расулман, холос!».
Пайғамбар алайҳиссаломнинг юқоридаги дадил-исботлари ҳам мушрикларни ишонтира олмади. Шунда улардан бири “Токи Аллоҳ ва фаришталарни олдимизга олиб келмагунингча, сенга ишонмаймиз”, деди. Расулуллоҳнинг аммалари Отика бинти Абдулмуттолибнинг ўғли Абдуллоҳ ибн Умайя Маҳзумий шундай деди: “Осмонга нарвон қўйиб, унга кўтарил, мен қараб тураман. Осмондан бир дона китоб олиб туш! Айтаётган гапларингга фаришталар гувоҳ бўлишсин, шундагина сенинг гапларингга ишонаман”, деди. Бу гаплардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хафа ҳолда қайтиб кетдилар. Қавмларининг таъқиб қилиб, у кишидан тобора узоқлашаётганидан юраклари сиқилди. Шунда Аллоҳтаоло юқоридаги оятларни нозил қилди.
Язид ибн Ҳайён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка билан Мадина орасидаги Ғумман деган сувхонада орамизда туриб хутба қилдилар. Шунда Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. Ваъз қилдилар ва эслатдилар. Сўнгра: «Аммо баъду: Эй одамлар, огоҳ бўлинглар! Мен ҳам башарман. Тезда Роббимнинг элчиси келиб қолса, ижобат қиламан. Мен ичингизда икки салмоқли нарсани қолдирувчиман. Улардан бири Аллоҳнинг китоби. Унда ҳидоят ва нур бор. Бас, Аллоҳнинг китобини олинг ва уни маҳкам тутинг», дедилар. Сўнг у зот Аллоҳнинг китобига қизиқтирдилар ва тарғиб қилдилар. Сўнгра: «Ва аҳли байтимни. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эсингизга солурман. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эсингизга солурман. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эсингизга солурман», дедилар», деди у. «Аҳли байтлари ким, эй Зайд? Аёллари аҳли байтларидан эмасми?» деди Ҳусойн. «Аёллари аҳли байтларидир. Лекин аҳли байтлари у зотдан кейин садақа ҳаром бўлган шахслардир», деди у. «Улар кимлар, эй Зайд?» деди. «Улар Оли Алий, Оли Ақийл, Оли Жаъфар ва Оли Аббосдир», деди у. «Ўшаларнинг ҳаммасига садақа ҳаром қилинганми?» деди Ҳусойн. «Ҳа», деди у (Муслим ривояти).

94. Одамларга ҳидоят келган пайтда имон келтиришларидан «Аллоҳ одамзоддан пайғамбар юборадими?» дейишларигина тўсди.
Кофир ва мушрик кимсалар Аллоҳнинг Пайғамбари Аллоҳнинг ваҳийларини келтирганида гумроҳликка бориб, сўзсиз қабул қилиш ўрнига эътироз билдиришга, рад қилишга тушишди. Улар “Аллоҳ бизга ўхшаган одамдан пайғамбар юборармиди?” деган шубҳага боришди, охирзамон Пайғамбарининг сўзларига ишонишмади, у зотни ёлғончига чиқаришди. Улар наздида Аллоҳ пайғамбар юбришни ирода қилганида уни фариштадан танлаган бўлур эди. Одамлардаги бу нотўғри тасаввур «Одам боласи» сифати Аллоҳ таоло ҳузурида нақадар олий мартабада эканини тушуниб етмасликдан келиб чиққан эди. Улар Аллоҳ фаришта ва бошқа махлуқотлардан кўра одамни азизу мукаррам қилиб қўйганини англаб етишмас эди. Агар одамзод Аллоҳнинг йўлида юриб, буюрган ишларини қилиб, қайтарганларидан қайтса, фариштадан афзал бўлишини идрок этишмас эди. Улар Одам боласи ичидан энг пок ва содиқлари танлаб олиниб, пайғамбар қилиниши барча инсониятучун шон-шараф эканини ҳам тушунишмас эди. Шунинг учун ҳам кофир кимсалар Одам боласи билан фаришталарнинг хусусиятларини фарқ эта олмай, «Аллоҳ одамзоддан пайғамбар юборадими?» деб ажабланишади ва ўзларига ўхшаган инсонга эргашишдан бош тортиб, имондан юз ўгиришади.

95. «Агар ер юзида фаришталар юрган бўлишганида уларга осмондан фариштадан пайғамбар туширган бўлар эдик», деб айтинг.
Яъни, ер юзи фаришталарнинг макони, яшаш жойи бўлиб, унда одамлар каби яшаб юрган бўлишганида Аллоҳ таоло уларга фаришталардан пайғамбар юборган бўлар эди. Аммо ер юзини инсонлар макон тутишгани учун Парвардигор пайғамбарни ҳам инсонлар ичидан танлаб олган. Ер юзидаги барча махлуқотни яратган Зот сифатида уларга ким ва нима мос келишини, уларга кимни пайғамбар қилиб юборишни ҳам яхши билади. Одамларга ўзларидан элчи юборилишининг илоҳий ҳикматлари борки, кўпчилик буни англаб ета олмайди. Пайғамбар Аллоҳнинг элчиси бўлиши билан бирга, Унинг амр ва қайтариқларини ўз тимсолида акслантириб, шариат ҳукмларига амал қилишда ўрнак бўладиган биринчи шахс ҳамдир. Агар одамларга фаришта пайғамбар қилиб юборилса ва у шариат ҳукмларига амал қилиб кўрсатса, «Пайғамбар оддий одамдан бўлмаслиги керакда» деган нобакорлар биринчи бўлиб: «Бу пайғамбар - фаришта, шунинг учун шариат ҳукмларига осон амал қилади, биз оддий одаммиз, унинг қилганини қила олмаймиз», дейишган бўлар эди. Пайғамбар оддий инсондан танлаб олинса, бундай даъво қила олишмайди.

96. «Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. Албатта, У Ўз бандаларини яхши билади ва кўриб турувчидир», деб айтинг.
Аллоҳ таоло айтяптики, эй Пайғамбарим, сиз уларга: “Мени Аллоҳ азза ва жалла Ўз ваҳийлари билан юборгани ҳақдир, агар У Зот мени юбормаганида, ҳар лаҳзада қўлламаган, ишларимни кундан-кунга тараққий қилдириб қўймаган бўлур эди”, денг. Одамлар ушбу ҳақиқатни тушунишмаса, пайғамбарликнинг вазифаси нима эканини англашни исташмаса, улар билан тортишиб ўтирманг, уларни Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиб қўяверинг. Кофирларга: «Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир», деб айтинг. Орада бўлиб ўтган гап-сўзлар ва муомалаларга, Пайғамбарнинг ихлос билан вазифасини адо этганига, одамларнинг озорларига чидаганига, тортган азиятларига, барига Аллоҳ таолонинг Ўзи гувоҳ деб айтинг. Кофирларнинг Пайғамбарни ёлғончига чиқарганларига ҳам, унга озор берганларига ҳам, ундан турли мўъжизалар келтиришни ноўрин талаб қилганларига ҳам, «Аллоҳ одамзоддан ҳам пайғамбар юборадими?» деб имон келтирмаганларига ҳам Бизнинг гувоҳ бўлиб турганимизни айтинг. Аллоҳ ҳар бир гап-сўз, қилинган иш, ният ва кўнгилдан ўтган барча ўй-хаёллардан хабардор Зотдир ва мана шу хабардорлиги асосида улар орасида ҳукм чиқаради. Аллоҳ таоло ҳар бир бандаси қаерда нима иш билан машғуллигини, нима деб, нима қилаётганини кўриб туради ва мана шу кўриб туриши асосида улар орасида ҳукм чиқаради. Бу ҳукм қиёмат куни чиқарилади.

97. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, ўша ҳидоят топувчидир, кимни адаштирса, улар учун Ундан ўзга зинҳор мададкор топа олмайсиз. Уларни қиёмат куни юзтубан, кўр, кар, соқов ҳолларида тўплаймиз. Уларнинг турар жойлари дўзахдир. У қачон пасайиб қолса, уларга ловуллаган оловни зиёда қиламиз.
Агар Аллоҳ азза ва жалла тарафидан тавфиқ ва ёрдам бўлмаса, ҳеч бир банда тўғри йўлни топа олмайди, ҳидоятга эриша олмайди. Агар Аллоҳ таоло бирор бандани гумроҳ қилиб, залолатда қолдирган бўлса, бирор кимса уни тўғри йўлга олиб чиқа олмайди, унга ёрдам бера олмайди. Қиёматнинг баъзи мақомларида куфр келтирган кимсаларни Аллоҳ таоло юзтубан ҳолларида юзлари билан юрғизиб қўяди. Ўзлари кўр, гунг ва кар ҳолда бўлишади. Ўлар дунё ҳаётида Аллоҳнинг ваҳийларини қабул қилмаслик учун ўзларини кўрмасликка, гапирмасликка ва эшитмасликка солиб олишган эди, энди киёмат куни Парвардигор уларни ана шундай ночор ва ҳақир ҳолда тирилтиради. Чунки улар қиёмат кунини тамоман инкор қилишган, унинг содир бўлишини гумонга чиқаришган эди. Ҳатто бу  ҳусусда келган оятларга ҳам ишонишмас эди. Маҳшаргоҳга тўпланишганда қарашсаки, Аллоҳ ваъда қилган ҳамма нарсалар ҳақ экан, бари ҳеч бир шубҳасиз рўёбга чиқиб турибди. Тафсири Табарийда шундай дейилади: “Ҳадисда келишича, Пайғамбар алайҳиссалом: “Қиёмат куни одамлар уч хил ҳолатда келишади: пиёда, уловда ва юзтубан”, дедилар. Шунда саҳобалар “Қандай қилиб юзтубан юришади?” дейишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Бу дунёда икки оёқ устида юрғизиб қўйган Зот охиратда юзтубан ҳолатда юрғизиб қўйишга ҳам қодирдир. Уларга нотекис ерлар ва тиканзорлардан сақланиш имконияти ҳам берилади”.
Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло инсонни яратгач, унга кўникма, салоҳият, истеъдод ва ақл берди. Ўзларидан пайғамбар юбориб, ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатиб қўйди ва улардан қай бирини танлаш ихтиёрини инсоннинг ўзига берди. Ақлини ишлатиб, ҳидоят йўлини танлаган бандаларини ҳидоятга бошлайди, ўша киши ҳақиқий ҳидоятни топган бўлади. Ҳавойи нафсининг айтганига кириб, залолат йўлини ихтиёр қилганларни эса залолатга кетказади, ўша кимса ҳақиқий залолатга кетган бўлади. Аллоҳ кимни залолатга кетказиб қўйса, бундай кимса ўзига Аллоҳдан бошқа бирор ёрдам берувчи топа олмайди. Унинг ҳоли айниқса қиёмат куни ўта ачинарли бўлади. Бундай кимсалар юзтубан ҳолда судралиб юришади, ўзлари кўр, кар ва соқов бўлишади. Улар ҳеч нарсани кўрмайди, ҳеч нарсани эшитмайди ва бирор сўзни гапира олмайди. Азоб фаришталари уларни оёқларидан тутиб, юзларини ерга қаратиб, дўзах томон судраб кетишади. Бундайларнинг жойи албатта дўзах бўлади, у ерда улар инсон зоти кўрмаган, ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдиган азоб-уқубатларга мубтало бўлишади. Бундайларга Аллоҳнинг қаҳри ва ғазаби шунчалики, агар дўзахнинг олови сал пасайгудай бўлса, унинг ловуллаган олови янада кучайтириб юборилади.

98. Мана шу оятларимизга куфр келтирганлари ва «Агар суяк ва чириган тупроққа айлансак ҳам янгитдан яратилиб, қайта тирилтириламизми?!» деганларининг жазосидир.
Ушбу ояти каримада дўзахийларнинг охиратда қаттиқ жазога гирифтор бўлишларининг сабаби бўлган иккита улкан гуноҳлари эслатилмоқда: биринчиси - Аллоҳнинг оятларига имон келтирмаганлари бўлса, иккинчиси - қайта тирилишга ишонмаганларидир. Дунёдаги барча ёмонликлар ва гуноҳлар ушбу икки сабабдан келиб чиқади, дейилса, нотўғри бўлмайди. Аслида Аллоҳнинг ваҳийларига ишонмасликдан кўра улкан хато ва адашув йўқдир. Бунинг устига У Зотнинг барча инсонларни ҳисоб-китоб учун қиёмат куни қайта тирилишига ишонмаслик бундан ҳам мудҳиш хато ва улкан гуноҳдир. Аллоҳнинг оятларига ишонмай, уларга куфр келтириш орқали ақида масаласидаги ҳамма ишлар чаппа бўлиб кетади. Инсон илоҳий кўрсатмалар асосида яшашдан бош тортгани учун ҳамма ишда нотўғри кўрсатмаларга амал қилиб, расвои олам бўлади. Қайта тирилтирилишига ишонмаган инсон бу дунёда хоҳлаган ёмонлигини қилаверадиган бўлиб қолади. Охиратга, унда қайта тирилиб, бу дунёдаги ҳар бир қилмиши учун жавоб беришига ишонмаган одам беш кунлик бевафо дунёнинг матоҳидан иложи борича кўпроқ фойдаланиб қолиш пайидан бўлиб қолади. Табиийки, у мазкур жиловсиз истагини ҳалол-пок йўл билан қондириши мумкин эмас. Натижада имонсиз инсон ҳеч қандай ёмонликни киприк қоқмай қилаверадиган бўлиб қолади. Охир-оқибат келиб, бундайлар қиёмат куни юзтубан, кўр, кар, соқов ҳолларида тўпланади ва олови ҳамиша ловуллаб ёниб турувчи дўзахга ташланади.

99. Улар осмонлару Ерни яратган Аллоҳ уларга ўхшашини ҳам яратишга қодир эканини ва улар учун шак-шубҳасиз ажал белгилаганини билмайдиларми?! Аммо золимлар куфрдан бошқасидан бош тортишди.
Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг барча махлуқларни қайта тирилтириб, Ўз ҳузурига жамлашига ишонмай юрган ўша кофир кимсалар билишмайдимики, осмонлару Ердаги ҳамма нарсани ярата олган Зот уларни Ўз низоми асосида ушлаб туришга ва қиёмат куни албатта қайтадан тирилтира олишга ҳам қодирдир. Ўша кофирлар ақлларини ишлатиб ўйлаб кўришганида «Агар суяк ва чириган тупроққа айлансак ҳам янгитдан яратилиб, қайта тирилтириламизми?» деган бемаъни гапларини айтиб ўтиришмас эди. Борлиқдаги барча мавжудотни ва осмонлару Ерни яратган Зотга ўша борлиқдаги кичкина бир зарра ҳисобланган инсонни қайта яратиш нима иш бўлибди! Аллоҳулар учун шак-шубҳасиз ажал (муҳлат) белгилагандир. Аллоҳ азза ва жалла инсонлару бошқа махлуқотларнинг яратилишлари, ҳаётда бўлишлари, қайта тирилишлари - ҳамма-ҳаммасининг вақтини аниқ белгилаб қўйган. Белгиланган ўша муҳлатдан олдинга ҳам, кейинга ҳам сурилмайди. Ҳаммаси айнан ўша белгиланган вақтда бўлади. Фақат Аллоҳнинг ваҳийларидан юз ўгириб, ўз жонига ва бахту саодатига зулм қилганларгина куфрнигина ихтиёр қилиб, туриб олишди. Шунинг учун ҳам ақлларини ишлатиб, ҳақиқатни идрок эта олишмади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Менинг яратганимга ўхшаб яратишга урингандан ҳам золимроқ ким бор? Биргина қумурсқани яратиб кўришсинчи? Ёки битта дон ёхуд арпа яратишсин-чи!» (Бухорий ривояти).

100. (Эй Муҳаммад): «Агар сизлар Парвардигоримнинг раҳмат хазиналарига эга бўлсангиз ҳам уни сарфлашдан қўрқиб, мумсиклик қилган бўлар эдингиз. Инсон зоти ўзи хасис бўлади», деб айтинг.
Инсонлар, айниқса инсонларнинг куфр келтирганлари одатда бахил ва мумсик бўлишади. Улар мол-мулкларининг йўқолиб кетишидан ҳамиша ҳавфда яшашади. Айниқса, уларга Аллоҳ йўлида бирор нарсаларини сарфлашни сўрайдиган бўлсангиз, бундан албатта боштортган бўлишарди. Аллоҳтаолонинграҳмати ва хазинаси жуда кенг. Аммо кофир кимсалар Аллоҳнинг раҳмат хазиналарига эга бўлишса ҳам феъллари тор, ўзлари зиқна бўлганидан мумсиклик қилиб, “тугаб қолиши”дан қўрқиб, бировга ундан ҳеч нарса беришмас эди. Аллоҳ таоло мана шу ҳақиқатни кофир ва мушрикларнинг юзларига очиқ айтиб, баён қилишни Пайғамбарига буюрмоқда. Ва бу ҳолат ҳамма одамларда ҳам бўлиши мумкинлигига ишора қилиб, «Инсон зоти ўзи хасис бўлади», деб айтишни амр қилмоқда. Ҳар бир кишида бўлиши мумкин бўлган мумсиклик сифатини исломий тарбия тўғри йўлга солиши мумкин, холос. Имон ва Исломдан узоқда бўлганлар эса худди ушбу ояти каримада зикр қилинганидек юраги тор, бахил, хасис, зиқна одамлар бўлишади, уларнинг қалби ҳам қаттиқ бўлади. Бундай одамлар турли-туман мўъжизаларни кўриб туриб ҳам имонга келишмайди. Масалан, Мусо алай-ҳиссаломга Аллоҳ таоло тўққизта турли мўъжизаларни берган эди, аммо кофирлар шунда ҳам имонга келишмади.

101. Ҳақиқатан Мусога тўққизта очиқ-ойдин мўъжиза бер-дик. Бани Исроилдан унинг уларга келган пайтдагини сўрагин. Шунда Фиръавн унга: «Мен сени, эй Мусо, сеҳрлангансан деб ўйлайман», деди.
Аллоҳ таоло “Биз Мусони пайғамбар қилиб юборганимизда унинг пайғамбарлигини тасдиқловчи тўққизта очиқ-ойдин мўъжизани ҳам ато этганмиз”, демоқда. Бу мўъжизаларнинг нималиги ҳақида турлича ривоятлар бор. Насафий тафсирида айтилишича, бу мўъжизалар - порловчи қўл, асо, тўфон, чигиртка, бит-бурга, бақалар, қон, тошдан чиққан сув ва Тур тоғи каби нарсалар эди, баъзи муфассирлар буларга очарчилик йиллари ва меваларнинг камчил бўлиши каби ҳодисаларни ҳам қўшишган. Хозин тафсирида эса “тўққиз мўъжиза” сўзи Тавротдаги Мусо алайҳиссалом қавмига қаратилган тўққизта буйруқ эди, деган ривоят ҳам бор. Бу мўъжизалар ҳақида Аъроф ва бошқа сураларда батафсил сўз юритилган.
Бани Исроилнинг ўзи бу ишларга гувоҳ бўлган. Улар Мусо алай-ҳиссалом билан Фиръавн орасида нималар бўлиб ўтганини яхши билишади. Ўшанда Фиръавн унга: «Мен сени, эй Мусо, сеҳрлангансан деб ўйлайман», деган. Фиръавн қўл остидаги инсонларга бемисл жабр, зулм ўтказиб ҳукмронлик қилган, гап-сўзини ҳаммага ўтказишга ўрганиб қолган кофир подшоҳдир. У одамларни ўзига ҳар томонлама сўзсиз бўйсунадиган манқурт бўлишга мажбурлаган жоҳил бир ҳукмдор эди. Унинг бу талаби олдида ҳеч ким ломмим дея оғиз оча олмасди. Бора-бора бу золим ўз юртидаги одамларга парвардигорлик даъвосини қилди, «Мен сизларнинг олий парвар-дигорингизман», деди. Мусо алайҳиссаломнинг ана шундай даражага етган тоғутнинг олдига чиқиб, ҳақ гапни айтиши, Аллоҳнинг тавҳидига чақириши, зулм, туғён ва одамларга озор беришни тарк этиб, Аллоҳга бўйин эгишга даъват қилиши золимга ғалати туюлди. Фиръавн қаршисида одатдан ташқари гапларни қўрқмай гапираётган одамни кўриб, бунинг эс-ҳуши жойида бўлмаса керак, эҳтимол, сеҳрлангандир, бўлмаса, бунчалик гапларни айтишга журъат қила олмас эди, деб ўйлади. Одатда туғёнга кетган золим подшоҳлар шундай бўлади. Ҳамма гап ўша золимдан чиқади, атрофидагилар маъқуллаб туришдан бошқага ярамайди. Агар биров ақллироқ гап айтса, ўзини худо фаҳмлаётган тоғутга суиқасд қилгандек туюлади. Ўша золимдан бошқа ҳам ақлли одам борга ўхшаб қолади. Шунда Фиръавннинг олдида ақлли гап гапиришга журъат қилган одам шу заҳоти телбага чиқарилади ёки «сеҳрланиб, мияси айниб қолибди», дейилади. Мусо алайҳиссаломдан ҳақ гапларни эшитган Фиръавн ҳам ана шундай йўл тутди ва у кишини «сеҳрланган» деб эълон қилди. Аммо шунда ҳам Мусо алайҳиссалом иккиланмади, у киши ҳақ ўзлари томонда эканини, ортларида оламларнинг Парвардигори турганини яхши билар эди.

102. У: «Анавиларни фақат осмонлару Ернинг Парвардигори ибрат қилиб туширганини яхши биласан. Сени, эй Фиръавн, албатта ҳалок бўлувчисан деб ўйлайман», деди.
Мусо алайҳиссалом айтяптики, эй Фиръавн, сен тилингда инкор қилаётганинг билан дилингда атрофингдаги ушбу мўъжизаларни осмонлар ва Ернинг ёлғиз Парвардигори, борлиқдаги барча мавжудотларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг сен каби ғофил ва гумроҳ кимсаларнинг кўзини очиш учун ибрат қилиб туширганига ишониб турибсан. Эй Фиръавн, лекин шундай бўлса ҳам, мўъжизаларни инкор қиляпсан, имонга келмай, куфрда қоляпсан.
Аллоҳга банда бўлмай, Аллоҳнинг бандаларига худо бўлмоқчисан. Мен сени огоҳлантириб қўяй, бунинг оқибати асло яхши бўлмайди. Билиб қўйки, бунинг оқибати аниқ ҳалокатдир! Шунинг учун сенга ўхшаган ҳар бир одам билиб туриб ҳам Аллоҳнинг мўъжизаларини инкор қилгудай бўлса, кибрга бориб, уларни ёлғонга чиқарса, улардан ибрат олмаса, албатта ҳалок бўлғуси ва дўзахдан жой олғусидир. Шунинг учун ҳам менга яхши маълумдирки, сен яқинда албатта ҳалок бўласан. Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, имон ишонмоқликдир, фақат билишнинг ўзи эмасдир. Шунда фикрий тортишувда енгилишини сезган Фиръавн бошқа барча тоғутлар ва золимлар каби куч ишлатишга ўтди.

103. Шунда уларни ердан қўзғатиб, чиқармоқчи бўлди. Шунда уни ва у билан бирга бўлганларни жамлаб, ғарқ қилдик.
Фиръавн Мусо алайҳиссаломни ва у кишининг қавмлари Бани Исроилни Миср еридан ҳайдаб чиқармоқчи, уларнинг барча мол-мулкларини тортиб олмоқчи бўлди. Шунда Аллоҳ таоло Фиръавн қавмини ўзлари яшаб турган боғу бўстонлар, ичиб турган чучук ва лаззатли сувлар, қўл остларидаги беҳисоб молу давлатлар, гўзал ва қулай масканлардан чиқарди. Буни улар куфрлари ва туғёнга кетишлари сабабли бошларига битилган аянчли оқибат - ғарқ қилинишга дучор бўлишлари учун шундай қилинди. Фиръавнни ва унинг қавмини бир ерга жамлаб, денгизга ғарқ қилди. Ҳамма-лари ҳалок бўлиб кетишди. Уларнинг барча мол-мулк ва масканлари Бани Исроилга мерос қилиб берилди. Бунинг баёни Қуръони каримда шундай зикр қилинади: “Ўзимиз баракотли қилган ернинг шарқию ғарбига бу бечора қавмни меросхўр қилдик. Сабр қилганлари туфайли Парвардигорингизнинг Бани Исроилга чиройли ваъдаси амалга ошди. Фиръавн ҳамда унинг қавми курган ва тиклаган нарсаларини вайрон қилдик” (Аъроф, 137); “Мусо ва у билан бирга бўлганларнинг барчаларини (Фиръавн таъкрбидан) куткррдик. Сўнгра бошқаларни ғарк, қилиб юбордик” (Шуаро, 65-66).

104. Шундан кейин Бани Исроилга: «Мана шу ерни маскан тутинглар. Охират ваъдаси келган чоғда ҳаммангизни тўплаб, келтирамиз», дедик.
Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, эй Бани Исроил, Фиръавн сизларнинг Мисрда тинч-омон ва хотиржамлик яшашингизни истамагани учун ҳар жиҳатдан таъқиб этиб хорлаган, кўпларингизни ўлдиртириб юборган эди. Кейин Биз унинг ўзини дунёда яшашига қўймадик, уни ва аъёнларини денгизга ғарқ қилиб, ҳалок этдик. Мана энди Фиръавн ва унинг қавми ҳалок бўлди, қилмишларига яраша жазоларини олишди. Аммо ораларингизда турли гаплар, ишлар ўтган эди. Уларнинг ҳам ҳисоб-китоби бўлиши керак эди. Ҳозирча бу нарса бўлмай қолди. Мана шу ерни маскан тутиб яшаб туринглар, вақти-соати етиб, қиёмат қойим бўлгач, барчаларингизни - сизларни ҳам, Фиръавнни ва унинг издошларини ҳам бир жойга тўплаймиз. Барча ҳисоб-китоблар ана шунда бўлади.

105. Уни ҳақ билан нозил қилдик ва у ҳақ билан нозил бўлди. Сизни фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи этиб юбордик, холос.
Қуръони каримнинг ўзи Ҳақдир ва уни Ҳақ таоло нозил қилгандир. Яъни Қуръонда келган ҳамма нарсалар - буйруқлар, қайтариқлар, ҳукмлар, эслатмалар, кўрсатмалар, хабарлар - ҳамма-ҳаммаси ҳақдир. Ушбу Қуръонни умматга етказишга вазифадор қилинган Пайғамбар эса ўзига эргашганларга жаннат ҳақида башорат (хушхабар) берувчи ва ўзини инкор қилганларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи бир инсон, холос. Қуръонни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳақ билан нозил қилган ва Қуръон ер юзида ҳақ қарор топиши учун нозил қилинган. Энг улкан ҳақ - Аллоҳнинг тавҳиди Қуръон орқали қарор топди. Шунингдек, бошқа ҳақлар ҳам Қуръон орқали ер юзида қарор топди.

106. Ва Куръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак нозил этдик.
Ушбу ояти каримада Қуръони каримнинг бир йўла тўла-тўкис, яхлит китоб ҳолида эмас, балки бўлак-бўлак этиб нозил қилинганининг ҳикмати ҳақида сўз боряпти. Маълумки, Қуръони карим йигирма уч йил давомида тарқоқ ҳолда нозил бўлди. Гоҳо бир, баъзан икки-уч оят нозил бўларди, бир тушганда ўнтагача оят нозил бўлган вақтлар ҳам бўлган. Бу нарса Куръон оятларининг одамларга яхшироқ сингиши ва қалбларга мустаҳкам жо бўлиши учун қилинган эди, айни пайтда атроф-муҳитни, содир бўлаётган воқеаларни эътиборга олган ҳолда тушар эди. Мана шу ҳолатда кишиларга ҳужжат бў-лиши осон бўлар ва унинг мўъжизакорлик қуввати янада ортар эди. Агар Қуръон тарқоқ ҳолда тушмаганида, одамларга баҳона топилиб, “биз бунча кўп нарсани бажара олмаймиз”, дейишлари мумкин эди. Қуръоннинг тарқоқ ҳолда тушишининг бошқа ҳикматлари ҳам бор. Шулардан бири - кишиларни ота-боболаридан қолиб келган урф-одатларидан ва ўзлари кўникиб қолган тузумларидан бирданига ажратиш қийин бўлар эди. Шунинг учун Қуръон аста-секин тушиб, юқорида зикр қилинган нарсаларни бирин-кетин Ислом келтирган тартиб-қоидаларга алмаштирди. Қуръоннинг тарқоқ тушишининг ҳикматларидан яна бири - уни ёдлаш осон бўлиши учун эди. Чунки Набий алайҳиссалом ва у кишининг атрофларидаги саҳобаларнинг кўпи ўқиш-ёзишни билишмас эди, шунинг учун агар Қуръон бир йўла нозил қилинса, уни ёдлаш қийин бўлиб қолар эди.
Қуръони каримнинг тарқоқ тушишининг энг улкан ҳикматларидан бири - унинг масдари, келиб чиққан жойига ишора ва ҳақиқий илоҳий китоблигига ҳужжатдир. Ўзингиз ўйлаб кўринг, йигирма уч йил давомида ҳали у сурадан уч оят, ҳали бу сурадан икки оят, олдинма-кейин, баланд-паст бўлиб тушса-да, ҳаммаси йиғилиб, бутун инсониятни тўғри йўлга бошлайдиган, бирор ҳарфи ўз ўрнидан бошқа жойга тушмаган Китоб ҳосил бўлса! Бу иш фақат ҳар нарсага қодир улуғ Аллоҳнинг қудратли ҳикмати билан бўлиши мумкин, холос.
Ушбу ояти каримада Қуръони каримни тарқоқ ҳолда туширилишининг ҳикматлардан яна бири - одамларга «аста-секин ўқиб бериш» зикр қилиняпти. Албатта, ўттиз пора Қуръон бир йўла тушса, уни одамларга ўқиб бериш осон бўлмас эди. Ўқиб берилганда ҳам, одамларнинг уни қабул қилиб олишлари қийин кечган бўлар эди. Энг муҳими - Қуръони карим ўқиш учунгина эмас, асосан ўқиб, амал қилиш учун нозил қилинган илоҳий дастурдир. Уни бир йўла ўқиб, бир йўла амал қилиш осон эмас. Шунинг учун ҳам жоҳилият ботқоғига ботган одамларни аста-секин тарбиялаб, Ислом нурига олиб чиқиш учун йигирма уч йил керак бўлди. Шу даврда жаҳон тарихида мисли кўрилмаган ажойиб бир мусулмон уммати Қуръони карим асосида тарбияланиб, вояга етди. Улар ҳар бир оят нозил бўлиши биланоқ уни ўқиб-ўрганишар, ёд олишар ва унга дарҳол амал қилишга ўтишар эди. Ушбу шартларни амалга оширмагунларича, бошқа оятлар нозил қилинган бўлса ҳам, уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олмай туришарди. Оқибатда саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари икки оёқда юрадиган тирик Қуръонга айландилар ва оз муддатда ер юзига Қуръон таълимотларини тарқатдилар.

107. (Эй Муҳаммад): «Унга имон келтиринглар ёки келтирманглар - барибир. Олдин илм берилганларга у тиловат қилинганда юзлари билан саждага йиқилишади», деб айтинг.
Эй Пайғамбарим, мушрикларга айтингки, улар Қуръонга хоҳ ишонишсин, хоҳуни инкор қилиб ёлғонга чиқаришсин, бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. “Олдин илм берилганлар” дегани сиздан олдин Таврот ва Инжил нозил қилинган кишилар” дегани. “Юзлари билан” дегани эса саждани ниҳоятда эҳтимом ва эътибор қилиш маъносини англатади. Аллоҳни таниганлар, дин-диёнат, пайғамбар, илоҳий китоб, ваҳий, фаришта каби нарсалар нима эканини биладиганлар уларга Қуръони карим тиловат қилиниши билан ўз-ларини тута олмай, саждага йиқилишади.
Қуйида келадиган уч ояти карима сажда оятларидан бўлиб, уни ўқиган ёки эшитган кишининг тиловат саждаси қилиши вожиб бўлади. Ушбу ояти каримадаги хитоб кофир ва мушрикларга қаратилган. Уларга энди Қуръон ҳақидаги ҳақиқатларни билдингиз, уни Аллоҳнинг Пайғамбари сизларга етказди, энди хоҳласангиз, унга имон келтиринг, хоҳласангиз, имон келтирманг, дейилмоқда.

108. Улар: «Парвардигоримиз покдир, Парвардигоримизнинг ваъдаси албатта амалга ошади», дейишади.
Аллоҳнинг ваҳийларини ҳеч бир тараддудсиз қабул қилган, Унинг Пайғамбари келтирган башорат ва огоҳлантиришларга ишонган кишилар саждага йиқилиш билан бирга, Аллоҳ таолони турли айб ва нуқсонлардан поклаб, Унга тасбеҳ ҳам айтадилар. Айни пайтда Аллоҳ таоло Ўзи берган ваъдасини албатта амалга оширишига ҳам қаттиқ ишонадилар. Аллоҳ уларга Тавротда ва Инжилда замон охирлаб қолганида маълум сифатларга эга бўлган Пайғамбар юбориб, унга Ўзининг охирги Китобини нозил қилишни ваъда этган эди. Улар «Бошқа ваъдалари қатори Аллоҳ бу ваъдасини ҳам амалга оширибди», дейишади. Уларнинг бу эътирофлари фақат оғиздан чиқадиган сўзлар билан ифода қилинмайди, балки Аллоҳга, Унинг Пайғамбари ва Китобига бўлган буюк имон билан амалий жиҳатдан ҳам тасдиқланади.

109. Йиғлаб, юзлари билан йиқилишади ва бу хокисорликларини зиёда қилади.
Юқоридаги оятлар Ҳанафий мазҳабидан бошқаларда сажда оятларидан ҳисобланади, уни ўқиган ёки эшитган одамга тиловат саждаси қилиш вожиб бўлади. Улар аввал одатдагидек сажда қилган бўлишса, энди йиғлаб сажда қилишади. Қуръони карим уларнинг хокисорликларини янада зиёда қилади. Улардан ўрнак олиб юрган мушриклар эса Қуръонга ҳамон имон келтирмай юришибди. Ваҳоланки, Қуръони карим бутун мавжудотнинг ягона яратувчиси Аллоҳ азза ва жалланинг каломи, Ўз Пайғамбари орқали нозил қилган дастури, ҳукми қиёматгача давом этадиган буйруқ ва қайта-риқлари мажмуаси бўлишига қарамай, улар бу илоҳий неъматдан бебаҳра қолишяпти.

110. «Аллоҳ деб чорланг ёки Раҳмон деб чорланг, қандай чорласангиз ҳам энг гўзал исмлар Уникидир», деб айтинг. Намозингизни жуда жаҳрий ҳам ўқиманг, уни жуда махфий ҳам ўқиманг, шуларнинг ўртасидаги йўлни тутинг.
Яъни, эй Пайғамбарим, мушрикларга айтингки, Аллоҳдеб чақирсангиз ҳам, Раҳмон деб чақирсангиз ҳам, Аллоҳнинг гўзал исмлари кўпдир. Намоз ўқиётганингизда токи мушриклар эшитиб, оятларимизни ҳақорат қилиб юбормасликлари учун жаҳрий қилиб, яъни овозингизни жуда кўтариб ҳам юборманг ёки саҳобалар тинглаб ўрганишларини ҳисобга олинг, жуда пасайтириб ҳам юборманг, ўта жаҳрийлик ва ўта махфийлик ўртасидаги йўлни танлаб олинг!
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада кечаси таҳажжуд намози ўқир, саждага борганларида “Эй Аллоҳ! Эй Раҳмон!” деб хитоб қилардилар. Шунда мушриклар “Муҳаммад битта илоҳга дуо қиларди, энди эса “Аллоҳ ва Раҳмон” деб иккита илоҳга дуо қиляпти. Биз ямомалик Раҳмондан бошқасини билмаймиз”, дейишди. Улар “Ямомалик Раҳмон” деб сохта пайғамбар Мусайлама каззобни назарда тутишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”. Маймун ибн Миҳрон айтади: “То Сулаймон алайҳиссаломнинг мактубидаги “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” ояти нозил бўлгунга қадар Расулуллоҳ “Бисмикаллоҳумма” деб ёзар эдилар. Кейин “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деб ёза бошладилар. Шунда араб мушриклари “Биз ар-Роҳиймни таниймиз, ар-Роҳман дегани ким ўзи?” дейишди. Шунда Аллоҳтаоло ушбу оятни нозил қилди”. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ояти каримадаги намозни жаҳрий ҳам, махфий ҳам қилмаслик маъноси хусусида шундай деган: “Яъни, намозни риё қилиб, жаҳрий қилма ва уни ҳаё қилиб, махфий ҳам қилма”.

111. «Фарзанд тутмаган, ҳукмронлигида шериги бўлмаган ва хорликдан қутқарувчи дўстсиз Аллоҳга ҳамд бўлсин», денг ва Уни улуғлаб такбир айтинг!
Эй Пайғамбарим, Парвардигорингиз Аллоҳ асло фарзанд тутмаган, чунки Унинг бандалар каби фарзандга ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ. Унинг бутун оламларни, борлиқ ва коинотни бошқаришда, буларга эгалик қилишда ҳеч қандай шериги йўқ, чунки ҳамма нарсанинг ёлғиз яратувчиси ва ҳукмдори ҳеч бир шерикка муҳтож бўлмайди. Ишларида кимнингдир ёрдамига муҳтож бў-лиш банданинг ишидир. Аллоҳ қиёмат хорлигидан қутқарувчи дўстга ҳам муҳтож эмасдир, чунки хор бўлиш ва хорликда бир дўст ёки ҳомийга муҳтож бўлиш банданинг ишидир. Ҳақиқат шу бўлгач, сиз Парвардигорингизни улуғланг, “Аллоҳу акбар” (Аллоҳ буюкдир) деб Унга такбир айтинг! Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган мамлук кул билан Биз уни яхши ризк, ила ризкушнтирган ва ўшандан махфий ва ошкора нафақа қиладиган кишини мисол қилиб келтирди. Улар тенг бўлурларми? Ҳамд Аллоҳга хосдир. Йўқ! Уларнинг кўплари билмаслар» (Наҳл, 75). Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳунинг котиби Варрод айтади: «Муғийра ибн Шуъба Муовияга мактубида менга шуларни айтиб ёздирди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар фарз намозидан кейин: «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул-мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма лаа мааниъа лимаа аътойта ва лаа муътия лимаа манаъта ва лаа янфаъу залжадди минкал-жадду», дер эдилар» (Дуонинг маъноси: «Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк Унга хос. Ҳамд Унга хос. У ҳар бир нарсага қодир. Аллоҳим, Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ. Хузурингда бойлик эгасига бойлиги фойда бермас») (Бухорий ривояти).

Орқага Олдинга