Маккада нозил бўлган, 59 оятдан иборат
“Духон” сўзининг луғатда «тутун» деган маъноси бор, Қуръони каримнинг қирқ тўртинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 59 оятли. Бошқа маккий суралар қатори, Духон сураси ҳам тавҳид, пайғамбарлик, ўлгандан сўнг қайта тирилиш каби масалалар ҳақида сўз юритиб, имон ва ақидани мустаҳкамлашга чақиради. Сура Қуръони каримнинг муборак Қадр кечасида нозил бўлгани хабари билан бошланади. Сўнгра бу Китобдан шак-шубҳада бўлган мушриклар осмондан «тутун» - ғубор ёғиладиган кун билан огоҳлантирилганлари учун сура Духон (тутун) деб ном олган. Ундан, шунингдек Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн қавмига юборилишлари, у зотга имон келтирганлар нажот топиб, инкор этганлар эса ҳалокатга йўлиққанлари, кофирлар тушадиган дўзах даҳшатлари, мўминлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат манзаралари баён қилинади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Ҳа миим.
Олдинги суралар тафсирида айтилганидек, Қуръони каримдаги бу каби кесик ҳарфларнинг (ҳуруфи муқаттаъот) нима маънони англатишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч бир зот билмайди.
2. Очиқ-ойдин Китобга қасамки;
Араб тилидаги “мубин” сўзи “очиқ-ойдин, аниқ-равшан, яширин - пинҳон бўлмаган, ҳамма нарсани тушунтириб берувчи” каби кўплаб маъноларни билдиради. Аллоҳ таоло ана шундай сифатларга эга бўлган Ўз Китоби, яъни Қуръони каримга қасам демоқда. Бу эса ўз навбатида ушбу илоҳий Каломнинг Аллоҳ таоло ҳузурида нечоғли улуғ мақомга ва аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
3. Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Биз албатта огоҳлантирувчи бўлдик.
Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини муборак бир кечада, Рамазон ойидаги Қадр кечасида нозил қилганининг хабарини бермоқда. Бу кеча инсоният тарихидаги энг муборак, минг ойдан ҳам яхшироқ кечадир. Чунки бу кечада Аллоҳ таолонинг охирги, барча махлуқотни ожиз қолдирувчи ва бутун инсониятга қиёмат кунигача саодат йўлини кўрсатиб берувчи Китоби нозил бўла бошлаган. Аллоҳ таолонинг Ўзи ушбу муборак кечада Қуръонни нозил қилиш билан бир пайтда бандаларини охират азобидан, куфр, исён ва туғённинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирувчи ҳам бўлди. Муфассирлардан Маҳмуд Замахшарийнинг шундай гаплари бор: “Аллоҳ таоло Қуръонни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган. Иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган. Учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган”.
4. Унда барча ҳикматли ишлар ажрим қилинади;
Ушбу муборак кечада келгуси бир йилда бўладиган, тақдир қилинадиган ҳамма нарса ажратилиб, жой-жойига қўйилади, яъни Қадр кечасида Лавҳул-Маҳфуздан бир йиллик ризқлар, амаллар ва бошқа ишлар алоҳида қилиниб, тадбир кўрувчи фаришталарнинг қўлларига топширилади. Яъни фаришталар, шу жумладан Жаброил алайҳис-салом бу кечада келгусига тақдир қилинган амаллар билан осмондан Ерга тушишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло Бароат кечасида тақдир қилинган нарсаларни тайин этади, Қадр кечаси келганида уни ўз эгаларига топширади”.
Улар Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир ишни қила олишмайди. Муфассирлардан Маҳмуд Замахшарий айтади: “Қадр кечасида ишлар тақдир ва ҳукм қилинадиган кечадир. Духон сурасининг 4-оятида ҳам “Унда ҳар бир ҳикматли иш ажратилади”деб баён этилган”.
5. ҳузуримиздан амр бўлгандир. Дарҳақиқат, Биз юборувчидирмиз.
Аллоҳ таоло айтяптики, Қуръонни Қадр кечасида фариштамиз орқали дунё осмонига нозил қилишни Ўзимиз буюрган эдик. Биз ана шу Китобимизни умматларига етказиш, уларни Қуръон асосида тарбиялаш, унинг ҳукмлари билан таништириш учун бандамиз Муҳаммад алайҳиссаломни рисолат билан юборганмиз. У зотдан олдин ҳам Ўз хоҳишимиз билан жуда кўп пайғамбарларни амр-фармонларимизни етказиш учун инсонларга юборганмиз. Юқорида зикр қилинган ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг амрига биноан, Ў Зотнинг иродаси ва лутфу инояти билан бўлади.
6. Бу Парвардигорингиздан раҳматдир. Унинг Ўзи эшитувчидир, билувчидир.
Инсонларни тўғри йўлга бошлаш, уларни қиёматнинг азоб ва даҳшатларидан огоҳлантириш учун пайғамбарларни юбориши Ал-лоҳ таолонинг бандаларига улкан раҳмати ва чексиз марҳаматидир. Аллоҳ одамларга пайғамбар юбориб, уларни имонга, ибодатга, ҳидоятга бошламаса, улар залолатда қолиб, икки дунё саодатини қўлдан бой берган бўлишарди. У бандаларининг дуо-илтижоларини эшитгани, уларнинг ҳар бир ишини яхши билиб тургани учун ҳам имонли бандаларидан қиёматгача раҳматини дариғ тутмайди. У ҳатто сўнгги пайғамбарини ҳам инсонларга раҳматўлароқ юборган. Аллоҳ Ўзи юборган пайғамбарларининг охиргиси Муҳаммад алайҳиссаломга бошқа бир сурада хитоб қилиб: «Сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик», дейди.
7. Агар ишонувчи бўлсангиз, У осмонлару Ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигоридир.
Агар бандалар ишонадиган бўлишса, шуни яхши англаб олишсинки, осмонлар ва Ернинг, улар орасидаги бошқа ҳамма нарсаларнинг ягона Парвардигори Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Борлиқдаги барча махлуқотлар ҳам, жамодот ва ҳайвонотларнинг бари ҳам Унинг амри ва салтанати остидадир. Жамики мавжудот қиёмат куни яна УнингЎзига қайтади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга тегишлидир. Аллоҳҳар нарсага ҳодирдир» (Оли Имрон, 189); «Осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Аллоҳга хосдир. Қайтиш ҳам Аллоҳ ҳузуригадир» (Нур, 42). Ҳақиқат шу экан, унда айрим куфр ва ширкка ботган кимсалар нега ҳамма нарсанинг ягона Парвардигори бўлган Аллоҳ таолога имон келтирмай, залолатда юришибди?
8. Ундан ўзга илоҳ йўқдир, тирилтиради ва ўлдиради. У сизларнинг ҳам, ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигоридир.
«Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир, фақат Унинг Ўзи бордир». Ислом дини келтирган шиор, мусулмонлар эътиқодининг асоси, тавҳиднинг асл маъноси мана шудир. Сиғиниладиган, топиниладиган, ҳожатлар сўраладиган, ризқ берадиган, кенглигу ночорликда даргоҳига бош уриладиган, ҳидоятга бошлайдиган ва йўлдан оздирадиган фақат Унинг Ўзидир. Ким ягона Аллоҳга сиғинса, Унгагина итоатда бўлса, икки дунё саодатига эришади. Ким Унга ширк келтирса, Унга кимларнидир, нималарнидир шерик қилса, имон-эътиқодини бой беради, абадий азобга қолади.
Аллоҳнинг ягона илоҳ эканига далиллардан бири - ўлим ва ҳаётнинг Унинг измида эканидир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бировга жон бера олмайди, бировнинг жонини ҳам ола билмайди. Улул-азм пайғамбарлардан Иброҳим алайҳиссалом золим подшоҳ Намрудга: «Бир томчи сувдан пайдо бўлган инсонни парвардигор санамайман, ме-нинг Парвардигорим ўлдиради ва жон ато қилади», деганлар.
9. Йўқ, улар шак ичра ўйнамоқдалар.
Уларга ҳақ, яъни Қуръон келса ҳам, кофир, мушрик ва осий кимсалар ҳанузгача у ҳақда шак-шубҳалар ичра юришибди. Шунинг учун ҳам фоний дунё муҳаббатига маст бўлиб, эртаю кеч ўйин-кулгига машғулдирлар. Шунда Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида дуо қилдилар. Кейин ўша итоатсиз кимсалар қаҳатчилик балосига учрашди, ўлган ҳайвонларнинг гўштини, тери ва суякларигача ейишга мажбур бўлишди. Ёғин бўлармикин, деган хаёлда осмонга қарашса, унда тутундан бошқа нарсани кўришмасди. Айрим уламолар ҳадисларда келган хабарга суяниб, бу тутун балоси қиёматнинг аломатларидандир, дейишган.
10. (Эй Муҳаммад), осмон аниқ тутунни келтирадиган кунни кутинг.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, сиз осмондан тутун келадиган кунни кутинг. Ояти каримадаги “тутун”дан мурод, баъзи тафсирчилар сўзига кўра, қиёматда осмондан келиб, ҳаммаёқни ўраб оладиган тутундир. Бошқа муфассирларнинг айтишича, Макка мушриклари бошига тушган қурғоқчилик йиллари ердан кўтарилган чанг-тўзон одамларнинг кўзига худди тутундек бўлиб кўринган экан.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай хабар қилади: «Умар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бир гуруҳ одамлар билан бирга Ибн Сайёд (дажжолнинг айрим сифатлари топилган бир яҳудий) томонга жўнаб кетди. Ниҳоят, уни Бани Мағоланинг истеҳкоми олдида болалар билан ўйнаётган ҳолда топишди. Ибн Сайёд балоғатга яқинлашиб қолган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан уни туртмагунларича сезмади. Кейин Ибн Сайёдга: «Мен Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик берасанми?» дедилар. Ибн Сайёд у зотга қараб: «Сиз уммийларнинг Расули эканингизга гувоҳлик бераман», деди. Ибн Сайёд Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик берасизми?» деди. У зот уни рад этиб: «Аллоҳ ва унинг расулларига имон келтирдим», дедилар. Сўнг: «Нимани кўряпсан?» дедилар. Ибн Сайёд: «Менга рости ҳам, ёлғони ҳам келади», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишинг аралаш-қуралаш қилиб ташланибди-ку!» дедилар. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Мен сенга бир нарса яшириб қўйганман», дедилар. Ибн Сайёд: «У дух...» деди. Шунда у зот: «Ўчир! Ҳаддингдан оша олмайсан!» дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга қўйиб беринг, бўйнига (қилич) солай», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бу ўша (дажжол) бўлса, сен унингустидан ҳукмрон қилинмайсан, у бўлмаса, уни ўлдиришда сенга ҳеч қандай яхшилик йўқ», дедилар» (Бухорий ривояти). Ҳадисдаги «дух...» сўзи нимани англатиши ҳақида уламолар турлича фикрларни айтишган. Баъзилар «Бу «тутун» маъносидаги «духон» сўзининг бошқа бир шакли» деса, бошқалар «Ибн Сайёд «духон» сўзини коҳинчасига чала айтган, чунки коҳинлар одатда сўзларни яримта-юримта қилиб айтишади», дейишган.
11. У одамларни ўраб олади, бу аламли азобдир.
Ушбу суранинг номи олдинги оятда зикри келган «духон»дан (тутундан) олинган. Муфассирлар бу оят тафсирида икки гуруҳга бўлинишган. Биринчи гуруҳга мансуб уламолар: «Ушбу оятда зикри келган тутун қиёмат кунининг тутунидир, оятда унинг албатта келиши таъкидланмоқда, қиёмат куни у одамларни ўраб олади ва аламли азоб бўлади», дейишади. Иккинчи гуруҳга мансуб уламолар эса: «Бу тутун воқеъликда бўлиб ўтган. Мушриклар Набий алай-ҳиссаломга итоатсизлик қилишганида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Музар(қабиласи)га босимингни шиддатли қил, уларга Юсуфнинг йилларидек (қаҳатчилик) йилларини юбор», деб дуо қилдилар. Шунда улар очарчиликка йўлиқиб, ўлимтикларни ҳам ейишди. Кейин уларни қуюқ тутун ўраб олди, одамлар бир-бирларининг овозларини эшитишарди-ю, лекин кўришмас эди. Ушбу оятдаги «тутун»дан мурод ана ўша тутундир», дейишади.
Оятда келган “духон” - тутун воқеаси қиёмат куни бўлади” деган кишиларни рад этиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Агар бунда охират азоби назарда тутиляпти десак, охират азоби ҳам арийдими? Азобнинг бир оз тўхтаб, кейин яна қайтиши бу дунёда бўлади, охират азоби узлуксиз, тўхтовсиздир”. Ҳар икки ҳолатда ҳам тутундан мурод Аллоҳнинг кофир ва мушриклар-га йўллаган улкан азобидир.
12. «Парвардигоро, бизлардан азобни аритгин! Албатта бизлар имон келтирувчилармиз».
Кофир ва мушрик кимсаларнинг ақли қиёматда киради. Бунгача улар ўзларига келган илоҳий амрларни бажаришдан бўйин товлаб юришаверади. Аллоҳнинг элчиларига эргашмаслик учун уларни сеҳргарга, мажнунга, шоирга чиқаришади, улар келтирган рисолатни ёлғон санашади. Қиёмат қойим бўлиб, азобдан қутулиш йўлини топа олмай қолганларида Аллоҳга ёлборишни бошлашади. “Парвардигоримиз, бизлардан бу азобингни нари қилгин, бизлар албатта Сенга имон келтирувчилардан бўламиз” деб илтижо қилишади. Аммо уларнинг бу нолалари инобатга олинмайди, қиёматдаги келтирмоқчи бўлган имонлари бефойдадир. Уларнинг амаллар дафтари ёпилгандан кейинги имон келтиришлари қабул қилинмайди ва улардан азоб кўтарилмайди ҳам.
13. Уларда қаёқдан ҳам эслатма бўлсин, ҳолбуки, уларга аниқ пайғамбар келган эди.
Қурайшийлар Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад алайҳиссаломни ўзларидан ҳам яхши билишарди. У зотнинг гўзал хулқ-сифатлари, ҳамма нарсада ҳалолликлари, ростгўйликлари, бошқаларга фақат яхшилик қилишлари уларга ҳам яхши аён бўлган. Ҳатто ўзгалар ҳақига ўта омонатдорликлари учун у кишини Амин, яъни омонатдор деб аташарди. Аммо шуларга қарамай, мушриклар Аллоҳнинг Пайғамбарига итоат қилишдан, у зот келтирган рисолатдан бўйин товлашди. Ўз хатоларини хас-пўшлаш учун Пайғамбар алайҳиссаломни сеҳргарга, мажнунга, шоирга чиқаришдан ҳам тап тортишмади.
14. Сўнгра ундан юз ўгиришди ва: «ўргатиб қўйилган, (ўзи) мажнундир», дейишди.
Мушрикларнинг Қуръони карим ҳақида тўқиган уйдирмаларидан яна бири шуки, улар: «Муҳаммад Қуръонни одамлардан ўрганяпти, у эса «Менга Қуръонни Аллоҳнинг фариштаси келтирди» деб ёлғон гапиряпти», деб туҳмат қилишди. Мушриклар бу беҳаёларча гаплари билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларини ҳам, Қуръони каримнинг илоҳий Китоб эканини ҳам инкор қилишмоқда. Улар исбот талаб қилмайдиган бу ҳақиқатни инкор қилиш билан кифояланмай, балки у зотга нисбатан улкан туҳматга бориб, Аллоҳнинг элчисини мажнунликда (жинниликда), Қуръонни у зотга кимлардир ўргатиб қўйганлиқца айблашмоқда. Бундан ортиқ ҳам жоҳиллик ва гумроҳлик бўладими?
15. Биз бу азобни бир оз аритувчидирмиз, сизлар ҳам қайтувчидирсиз.
Бандалари қанчалар итоатсизлик қилишмасин, исёнга бориб, илоҳий ваҳийларни инкор қилишмасин, Аллоҳтаоло ҳамиша уларга ҳақ йўлга қайтишлари учун имконият ва муҳлат беради. Бу Аллоҳнинг синовидир. У бандаларига қилмишлари учун ўша заҳоти бало-мусибатларини юбориши ёки дарҳол азоблаши мумкин эди. Аммо У Ўзининг ар-Раҳмон ва ар-Раҳим сифати билан осийларни жазолашни маълум вақтгача, баъзан эса қиёматгача қолдиради. Ушбу ояти каримада Аллоҳ айтяптики, «Биз сизлардан азобни бир оз аритиб-кўтариб турамиз, аммо сизлар бундан ибрат олмай, яна куфрингизга қайтаверасизлар».
16. Даҳшатли ушлаш билан ушлайдиган Кунимизда Биз интиқом олувчидирмиз.
Бу даҳшатли ушлаш билан ушланадиган ва интиқом олинадиган Кунни кўпчилик муфассирлар “қиёмат кунидир” дейишади. Улуғ муфассирлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “бу Бадр жангидир”, дейди. Унинг фикрича, “Духон” ва “даҳшатли ушлаш” воқеалари ҳамда Тоҳа сурасидаги “Агар Парвардигорингиз томонидан Сўз ва белгиланган муддат бўлмаганида эди...” деб бошланувчи оятдаги “азобнинг уларга лозим бўлиши” воқеаси ҳам Бадр жангида қатл қилиш ва асир олишдан иборат жазолар билан содир бўлиб ўтгандир. Мана шунинг ўзи “даҳшатли ушлаш” ҳамдир.
Шундан кейин юқорида тилга олинган хабарларнинг ҳаётда содир бўлганини исботлаш ва уларга жонли мисол келтириш мақсадида суранинг умумий сиёқига мос равишда Мусо алайҳиссалом қиссалари келтирилади:
17. Улардан илгари Фиръавн қавмини ҳам имтиҳон қилганмиз, уларга улуғ пайғамбар келганди:
Яъни, Муҳаммад алайҳиссаломни инкор қилаётган қавмлардан олдин Фиръавн қавмини ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Ўшанда уларнинг орасига улуғ пайғамбарларимиздан бирини, яъни Мусони юборган эдик. Бу пайтда Фиръавн Бани Исроилни қуллиқца ушлаб, уларга чексиз зулм ўтказар, ҳар томонлама қийноққа солар эди. Мусо алайҳиссалом Фиръавнни Аллоҳнинг йўлига даъват қилиш асносида Бани Исроилни ҳам зулмдан озод қилиш режасини туза бошлади.
18. (У айтди): «Аллоҳнинг бандаларини менга топширинглар, мен сизларга албатта ишончли пайғамбардирман;
Мусо алайҳиссалом ана шу режани амалга ошириш мақсадида Фиръавн ва унинг аъёнларига шундай деди: “Аллоҳнинг бандаларини менга топширинглар, уларни қуллик ва хор-зорлиқцан озод қилинглар. Улар ушбу дунёда эмин-эркин, озод ва ҳур бўлиб яшасинлар”. Бу ердаги “Аллоҳнинг бандалари”дан мурод, аввало Бани Исроил ва қуллик азобидан қийналаётган бошқа қавмлардир. Мусо алайҳиссалом айтяптики, “Мен сизларга Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ишончли, ҳақ пайғамбардирман, шунинг учун менинг даъватимга ижобат қилинглар, амримга итоат этинглар”.
19. Аллоҳга кибру ҳаво қилманглар, мен сизларга очиқ-ойдин ҳужжат келтирурман.
Яъни, Аллоҳ таолога кибру ҳаво қилиб, Унинг ваҳий ва амрлари борасида шубҳага борманглар. Аллоҳ юборган ҳақ пайғамбардан юз ўгириб кетиб, золимлардан бўлиб қолманглар. Бунинг оқибати сизлар учун ўта хатарли бўлади, қилмишларингиз учун Парвардигорнинг ғазаби ва азобига гирифтор бўлиб қоласизлар. Мен сизларга Аллоҳ таоло ҳузуридан ростгўйлигимни тасдиқловчи очиқ-ойдин, инкор қилиб бўлмайдиган мўъжиза ва ҳужжат-далилларни келтираман.
20. мен Парвардигорим ва сизларнинг Парвардигорингиздан мени тошбўрон қилишингиздан паноҳ сўрадим.
Мусо алайҳиссалом осий қавмга хитоб қилиб айтяптики, “Сизлар ўзингизча менга қарши ёмонликни қасд қилиб, тошбўрон қилиб ўлдириш режасини тузиб, овора бўлманглар. Мен ўз Парвардигорим, сизларнинг ҳам Парвардигорингиз бўлган Зотдан сизларнинг мени тошбўрон қилишингиздан паноҳ сўраб, илтижо қилдим. Шундай бўлгач, сизлар қилаётган макр-ҳийлаларнинг бирортасидан чўчимайман ҳам. Парвардигоримнинг даъватини беками-кўст етказишда давом этавераман!”.
21. агар менга имон келтирмасанглар, мендан нари туринглар».
Яъни, Мусо алайҳиссалом насиҳатининг охирида уларга шундай деди: ‘Тарчи сизлар менга тиш-тирноғингиз билан қаршилик кўрсатсангиз ҳам мен сизларни тўғри йўлга даъват қилишдан тўхтамайман. Сизлар менга имон келтиришингиз лозим. Агар имон келтирмасанглар, мендан нари бўлинглар, мен бошқаларни даъват қиламан. Сизлар куфр йўлида қаттиқ туриб олсанглар ҳам мен учун асло зиён келтира олмайсизлар, куфрингизнинг зарари фақат ўзларингизга бўлади”. Мусо алайҳиссаломнинг бу сўзлари турли муносабатлар билан айтилган бўлса-да, бу ўринда ҳаммаси бирга зикр қилинмоқда. Сиртдан қараганда, ҳамма сўзлар бир пайтда айтилганга ўхшайди. Бу услуб ҳам Қуръони каримнинг мўъжизакор жиҳатларидан биридир.
22. У Парвардигорига: «Анавилар жиноятчи қавмдир», деб дуо қилди.
Мусо алайҳиссалом жон куйдириб, қавмим ҳидоятга келармикин деб насиҳат қилсада, аммо унинг гапига қулоқ солувчи бўлмади, қавм ҳидоят йўлини тутмади. Бундай исёнкор, итоатсиз, мутакаббир нодонларга бас келишга кўзи етмаган Мусо алайҳиссалом Парвардигорига “Ҳақиқатан улар жиноятчи қавмдир” деб илтижо қилишга мажбур бўлди. Яъни, эй Парвардигорим, мен Фиръавн ва унинг қавмини Сенинг йўлингга даъват қилдим, аммо улар яхшилик томонга юришмади. Аксинча куфр ва гуноҳ ишларида давом этаверишди. Энди уларнинг жазосини Ўзингга ҳавола қилдим.
23. “Бандаларим билан бирга тунда йўлга чиқ. Албатта таъқиб этиласизлар;
Ушбу ва бундан кейинги оятларда Мусо алайҳиссаломнинг Парвардигорига илтижоси ижобат бўлганини кўрамиз. Аллоҳ таоло пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, эй Мусо, сен Бани Исроилни ва қибтийлар орасидан имон келтирган бандаларимни олиб, туннинг бир қисмида йўлга туш! Чунки Фиръавн сизларнинг шаҳардан чиқиб кетганингиздан хабар топгач, ортингиздан қувиб келади.
24. ва денгизни сокин ҳолида қўй, улар ғарқ қилинадиган қўшиндир”.
Аллоҳтаоло Мусо алайҳиссаломга айтяптики, денгизга етиб борганингдан сўнг унга асойинг билан ургин, шунда у Аллоҳнинг изни билан сув ёрилиб, икки томонга ажралади. Очилган жойдан ўзинг ва сенга эргашганларни денгиздан эсон-омон олиб ўтгин! Аммо денгизни ўша очилган сокин ҳолича қолдир, ортингиздан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг қўшинига эътибор берма! Биз уларнинг барини сувга ғарқ қилурмиз.
Дарҳақиқат, Фиръавн ва унинг аскарлари ҳам икки томонга очилиб турган денгиз сари юришди. Ҳаммалари очиқ денгиз йўлига тушиб бўлганларидан кейин шу дамгача иккига бўлиниб, сокин ҳолида турган сув ҳаракатга келди ва уларни бутунлай ўраб олиб, ғарқ қилди. Ҳаёти давомида фақат ўйин-кулги билан машғул бўлиб, дунё лаззатларига ботган бу кимсаларнинг оқибати ёмон бўлди: ўзлари сув остида қолиб ҳалок бўлди, барча мол-мулклари, ер-сувлари, бола-чақалари бошқаларга қолиб кетди.
25. Улар қолдиришди қанчалаб боғ-роғларни ва булоқларни;
Яъни, сувга ғарқ бўлиб кетган бу итоатсиз ва гуноҳкор кимсаларнинг ўзлари денгизда ғарқ бўлиб кетди. Улардан яшаб турган шаҳарларида қанчадан-қанча ҳосил бериб турган гўзал боғлар, чучук сувли чашма-булоқлар қолиб кетди. Агар улар Аллоҳнинг пайғамбарига осийлик қилмай, имонга келишганида ҳалокатдан омонда қолган ва бу неъматлардан бемалол фойдаланиб юрган бўлишарди.
26. экинзорлар ва гўзал масканларни;
Яна имонга келмагани учун ҳалок қилинган осийлардан турли экинлардан мўл ҳосил олиб турилган экинзорлар, зеб-зийнатлар ва ҳашаматларга бурканган гўзал турар жойлар, қаср ва саройлар ҳам қолиб кетди. Ҳолбуки, улар қўлларига киритган ана шу ерлар ва ҳашаматли қасрларига ғурурланиб, Аллоҳга имон келтиришдан юз ўгиришган эди.
27. ва ўзлари баҳраманд бўлаётган ноз-неъматларни Аллоҳ таоло уларга юқоридаги оятларда тилга олинган гўзал боғ-роғлар, чашма-булоқлар, экинзорлар, яхши масканлар ва бошқа ноз-неъматларни имтиҳон учун бериб қўйган эди. Улар Парвардигорларига имон келтирган ҳолда бу неъматларнинг шукрини келтиришлари керак эди. Аммо улар ношукрлик қилиб, туғёнга кетишди. Улар ушбу неъматлардан баҳраманд бўлган ҳолда ҳузур-ҳаловат ичра яшашса-да, дунёнинг ўткинчи ҳавасларига қул бўлиб, ҳаётларини фақат роҳат-фароғат, ўйин-кулгидан иборат деб ўйлашган, бу неъматларни берган Парвардигорларига ибодат қилишни хаёлларига ҳам келтиришмаган эди. Оқибатда улар хорларча ҳалок бўлишди, ҳамма нарсалари ортларида қолди. Энди улар аввал қабрларида, сўнгра охиратда мангу азоб-уқубатларга дучор бўлишади.
28. Мана шундай! Уларни бошқа қавмларга мерос қилиб бердик.
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз ношукр ва осий кимсаларни мана шундай ҳар томонлама жазолаймиз. Уларнинг ўзларини ҳалок қилдик, мол-мулклари ва эришган нарсаларининг барини бошқаларга мерос қилиб қолдирдик. Дарҳақиқат, ҳозиргача бирор кимса дунёда қўлга киритган бирор нарсасини, ҳатто игна каби арзимас буюмини ҳам қабрига олиб кета олмаган, ҳаммаси ортдагиларга мерос бўлиб қолиб кетган. Шундай бўлгач, инсонлар нега дунё молининг ортидан қувиб, Парвардигорига ибодатни унутишади? Икки дунё саодатини кўлдан бой берган бундай кимсаларнинг оқибатидан ибрат олишмайди? Оятдаги «бошқа қавмлар»дан мурод, Бани Исроилдир. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмидан қолган ҳамма нарсани уларнинг қўлида узоқ муддат қул бўлиб, азоб чеккан Бани Исроилга мерос қилиб берди.
29. Шунда уларга осмон ҳам, Ер ҳам йиғламади ва уларга муҳлат ҳам берилмади.
Фиръавн ва унинг қавми ана шундай шармандали оқибат топди. Улар ҳалок бўлиб кетганидан кейин ҳеч ким уларга қайгургани йўқ. Дунёда шунчалар шон-шавкатга, мулк ва салтанатга, мол-дунёга эга бўлишларига, Фиръавн ўзини худо деб даъво қилганига қарамай, уларнинг бари ҳалокатга учраб, Ер юзидан йўқ бўлиб кетди. Осмонда ҳам, Ерда ҳам ҳеч ким, ҳеч нарса уларга ачинмади, аза тутмади. Чунки улар осий, имонсиз эдилар. Шунинг учун уларга осмон ҳам, ер ҳам йиғламади. Уларга тавба қилишлари, жазодан қутулишлари учун муҳлат ҳам берилмади. Уларга авваламбор денгизда ғарқ қилиниш азоби тушди. Бу улар кўрадиган азобнинг илк босқичи эди, қолганларини қабрларида ва охират дунёсида кўришади.
Бу илоҳий калом кишини ўйлантиради: осмон ва Ер йиғлайдими? “Тафсири Жалолайн”да ушбу оятга қисқача шундай изоҳ берилади: “Ҳа, уларга осмон ҳам, Ер ҳам йиғлагани йўқ. Аммо мўминлардан бири вафот этса, унинг учун Ердаги намоз ўрнию яхши амаллари кўтарилиб турадиган ўрнини йўқотган осмон йиғлайди”. Қуртубий тафсирида шундай дейилади: “Мўмин киши борки, унинг учун осмонда икки эшик бордир. Биридан унинг ризқи тушса, иккинчисидан унинг сўз ва амаллари кўтарилиб туради. Мўмин вафот қилганида ўша эшикларни йўқотган осмон йиғлайди”. Мужоҳид “Ер ва осмон мўмин вафотига қирқ кун аза тутиб йиғлайди” деганида, Абу Яҳё: “Жуда таажжубли-ку!” деган.
30. Ҳақиқатан Бани Исроилга хорловчи азобдан нажот бердик
Бани Исроил қавми Мисрдан кетгунига қадар Фиръавн ва унинг аъёнларига қул бўлган эди. Фиръавнийларнинг золимлиги ва ваҳшийлиги шу даражага етган эдики, улар Бани Исроилда туғилган ўғил болаларни ўлдиртириб, қиз болаларни қолдиришарди. Улар шу тариқа Бани Исроил наслини Ер юзидан йўқ қилиб юбориш, омон қолган қизларини хоҳлаганча хорлаш ва тасарруф қилишни кўзлашган эди. Аллоҳ таоло бани исроилликларни Ўзининг марҳамати билан Фиръавн азобидан қутқарган, уларни омон қолдириш учун Мусо алайҳиссаломни рисолат билан юборган эди.
31. Фиръавндан. У катта кетган ва ҳаддан ошганлардан эди.
Мусо алайҳиссалом давридаги Миср фиръавнининг номи Рамзес Иккинчи бўлган. У ниҳоятда золим ҳукмдор бўлган, ҳатто худоликни даъво қилган. Бани Исроил қавмини ниҳоятда хўрлаб, уларни қул қилиб ишлатган, насли давом этмаслиги учун ўғил болаларини ўлдириб, қизларини қолдирган. Фиръавн золимлиги, илоҳлик даъвоси қилгани, Мусо алайҳиссаломнинг даъват қилганига қарамай, имонга келмагани сабабли Аллоҳнинг ғазабига учраб, бутун қўшини билан денгиз қаърига ғарқ қилиниб, ҳалок этилган. Унинг хотини Осиёнинг эса имони туфайли жаннатий бўлиши башорат қилинган. Кейинчалик Мисрнинг бошқа ҳукмдорлари ҳам фиръавн деб атала бошлади. Фиръавнларнинг ўттиз бир сулоласи мавжуд.
32. Дарҳақиқат, уларни оламлар ичидан илм асосида танлаб олдик.
Яъни, Бани Исроил кўп йиллар Фиръавн зулми остида хўрланганидан сўнг Аллоҳ таоло уларга нажот берди. Муқаддас заминга йўллаб қўйилиб, ўша ерда Довуд ва Сулаймон алайҳиссаломларнинг қудратли салтанатига асос солинди. Бу бежизга эмасди, Аллоҳ Бани Исроилнинг барча иш ва режаларини билатуриб, уларни ўша вақтдаги оламлардан афзал қилди. Чунки Аллоҳ азза ва жалла уларнинг ўша пайтдаги қавмлардан афзал эканини ҳам биларди. Аммо бошқалардан афзал қилингани Бани Исроилга кўнглига келган ҳамма нарсани қилишга ҳукуқ берилган, дегани эмасди. Аллоҳ ҳузурида имтиёзли қавм бўлмайди, У Зот барча қавмлар ва алоҳида инсонга ўнгланиш учун имконият беради. Агар ўша қавм ёки инсон бундан хулоса чиқариб, имон сари юрмаса, Аллоҳ уни ер юзидан йўқотиб, ўрнига бошқасини келтиради.
33. Ва уларга мўъжизалардан ичида аниқ синов борларини бердик.
Яъни, Аллоҳ таоло Бани Исроилга юборган турли мўъжизалар ичида маълум бир илоҳий синов бор эди. Мусо алайҳиссаломга юборилган мўъжизалар ҳам, Бани Исроил макон тутган Фаластин ерларининг унумдор, баракотли қилиб қўйилгани ҳам, Довуд ва Сулаймон алайҳиссаломга қудратли салтанатлар берилгани ҳам, бу қавмга бир қанча пайғамбарлар ва йўлбошчилар жўнатилгани хам ва ниҳоят тўғри йўлдан адашганларни ҳақ йўлга қайтариш ва-зифаси билан Исо алайҳиссаломнинг юборилиши ҳам - бари ўзига хос бир имтиҳон эди. Мазкур синовдан ўта олишмаганидан кейин Аллоҳ уларни яна ўз ҳолларига ташлаб қўйди ҳамда сарсон-саргардонлик ва жафо-уқубатларга гирифтор қилди.
34. Албатта анавилар айтишади:
“Анавилар”дан мурод, Маккадаги араб мушрикларидир. Аллоҳ таолонинг охирги юборган Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни инкор қилиб,у зотга эргашишдан бўйин товлаётган Макка мушриклари ҳам Бани Исроил учраган синов-имтиҳонлардан ибрат олиши керак бўлгани ҳолда улар ҳам олдинги қавмлар каби Аллоҳнинг амр-фармонларига осийлик қилишяпти: ўзларига юборилган Пайғамбарни ёлғончига чиқаришяпти, Аллоҳнинг дини ҳақида турли бўлмағур сафсаталарни ўйлаб топишяпти. Оламлар ичра танлаб олинган Бани Исроил итоатсизлиги учун қандай синовларга учраганидан хулоса чиқармаган Макка мушриклари ҳам улар каби Аллоҳнинг ғазаби ва азобига қолишлари ҳақида ўйлаб кўришса, ёмон бўлмасди. Аммо улар бунинг ўрнига Аллоҳнинг яратиш қудрати ҳақида шубҳага бориб, Унинг қиёмат куни инсонларни қайта тирилтиришини инкор қилишяпти.
35. «Биринчи ўлимимиздан бошқаси йўқ ва бизлар қайта тирилувчи эмасмиз;
Макка мушриклари биринчи ўлимнигина тан олишади. Улар охиратга ишонмаганлари учун дунё ҳаётини яшаб бўлгандан кейин қиёматда қайтатирилтиришларига имон келтиришмайди. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизлардан аввалгилардан бир киши ўз амалидан ёмон гумонда эди. У ўз аҳлига: «Агар ўлсам, мени олиб, (ўтда куйдириб, кулимни) жазирама кунда денгизга сочинглар», деди. Улар шундай қилишди. Аллоҳ уни(нг кулини) жамлаб, сўнг: «Бу қилмишингга сени нима ундади?» деди. У: «Сендан хавфда бўлганимгина мени шунга ундади», деди. Шунда Аллоҳ уни мағфират қилди» (Бухорий ривояти). Ушбу воқеани баён қилган ҳадисларни ўрганиб чиққан уламолар қуйидагича хулоса қилишган: мазкур одам қабрларни очиб, у ердан кафан ва бошқа нарсаларни ўғирлаб, тирикчилик қилар эди. Кейин у қилган ишидан қаттиқ надомат қи-либ, ўлими олдидан Аллоҳнинг азобини ўйлаб, даҳшатга тушади, ўзини йўқотиб қўяди ва нима қилишини билмай, охири ўғилларига мазкур васиятни қилади. У жоҳиллиги сабабли агар хоки кўкка совурилса, Аллоҳ уни қайта тирилтирмайди, деб ўйлайди. Аммо Аллоҳ унинг хокини жамлаб, тирилтирди ва Аллоҳ таолонинг азобига комил ишонгани, У Зотдан қаттиқ қўрққани эътиборидан Ўз фазлига олиб, уни мағфират қилди. Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, ақл-ҳуши кетиб қилган мазкур тасарруфини ҳам кечирди.
36. Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринг-чи!».
Ҳаёт ва ўлим тушунчаси Аллоҳ ҳузуридаги ғайбий нарсалардан бўлгани учун маккалик мушрик қавмлар ўлгач, қайта тирилишни ноқис ақлларига сиғдира олишмайди. Бу ҳақда ўзларини огоҳлантирган Пайғамбарни ёлғончи қилишгани учун у зотнинг гапларига ҳам ишонишмайди. Чунки уларнинг гумонича бир вақтлар ўлиб кетган ота-боболари қайтиб ҳам келмаган, уларни тирик ҳолда ҳеч ким ҳам кўрмаган. Шунинг учун ҳам улар инсонлар ўлгандан кейин Аллоҳнинг қайта тирилтиришига шубҳа билан қараб, Пайғамбар алайҳиссаломга “Агар гапларингиз рост бўлса, ота-боболаримизни тирилтириб келтиринг-чи!” деб талаб ҳам қилишди. Муфассирларнинг таъкидлашларича, Макка мушриклари шунга ўхшаш гапларни айтишган. Уларнинг бу талабига жавоб беришдан олдин ўзларининг ким эканларини бир ўйлаб кўриш таклиф этилади:
37. Улар яхшироқми ёки Туббаъ қавмию, улардан олдин ўтганларми?! Биз уларни ҳалок қилдик, чунки улар жиноятчи эдилар.
Аллоҳ таоло Макка мушрикларини огоҳлантиряптики, Бизнинг наздимизда сизлар яхшимисизлар ёки Туббаъ қавмими ёхуд улардан олдин ўтган қавмлар яхшими? Ваҳоланки, уларни жиноятчи бўлгани учун ҳалок қилганмиз. Сизлар ҳам ҳаддан ошсанглар, ўлгандан кейин қайта тирилтиришимизни инкор қилиб, бу ҳақда турли сафсаталарни тарқатсанглар, сизларни ҳам жазолаш жуда осондир. Ҳолбуки, ҳалок қилинган Туббаъ қавми сизлардан яхшироқ бўлган, улардан олдин ўтган Од, Самуд, Лут қавмлари ҳам улардан яхшироқ эди. Аммо туғёнлари, исёнлари, гуноҳлари сабабли барчаларини ҳалок қилганмиз. Ана шуларники ҳалок қилганимиздан кейин қурайшликларни ҳалок қилиш нима бўлибди? Улар осий, жиноятчи бўлган эди, булар ҳам осийлик, жиноят ва гуноҳ ишларни қилишмоқда.
Туббаъ - қадим замонларда Мадина атрофида (бир ривоятда Яман диёрида) яшаб ўтган бир солиҳ подшоҳнинг номи. Унинг қавми жуда бақувват, басавлат кишилар бўлиб, уларнинг давлати кучли ва анча тараққий этганди. Улар куч-қувватларига ишониб, Туббаъга итоат этмай қўйганларидан кейин Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган. Туббаъ қавми ҳақида Қуръони каримда ушбу оятда зикр қилинган. Туббаънинг қабридан топилган мактубдан у Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ёзилгани, ўзининг имонли экани маълум бўлган.
Олтинхон тўра тафсирида бу ҳақда шундай дейилган: “Туббаъ солиҳ инсонлардандир, Хира каби шаҳарларни бино қилгандир, Мадинадаги карамли ансорларнинг боболаридир. У бир мактуб ёзиб, авлодларига қолдирган. Ўша мактубда Саййиди оламнинг пайғамбарликларига, у зотга нозил қилинган Китобга ва динларига имон келтиргани ёзилгандир. У вафот этган кундан то Расули акрамга пайғамбарлик келган кунларигача орадан роппа-роса минг йил ўтган. Ўша мактубни саҳобалардан Абу Айюб (Ансорий) Расули акрамга топширганлар”. Қуръони каримнинг Қоф сурасида ҳам Туббаъ қавми ҳақида зикр этилган.
38. Осмонлару Ерни ва улар орасидаги нарсаларни ўйнаб яратганимиз йўқ!
Атрофидаги бу бепоён борлиққа, осмонлару Ерга, улар орасидаги беҳисоб мавжудотларга тафаккур назари билан қараган инсон бу маҳобатли нарсаларнинг бежизга, шунчаки кўнгилхушлик учун яратилмаганига ишонч ҳосил қилади. Улар шунчаки мақсадсиз, ўйин қилиб яратилмаганига имон келтиради.
Ҳар бир ақлли инсонга кундай равшанки, бепоён осмонлар, Ер, улкан сайёра ва юлдузларнинг ҳаммаси ажиб бир илоҳий ҳикмат билан яратилгандир. Аллоҳ таолонинг улкан яратувчилик қудрати маҳсули бўлган бу коинот ва замин инсонларнинг Аллоҳга бандаликларини намоён қила олиш имкони учун халқ қилингандир. Ҳа, ушбу оламни яратувчи буюк Холиқ дунёни бекордан-бекорга яратган эмас. Албатта бунда буюк ҳикматлар, бандалар англаб ета олмайдиган сиру асрорлар бор. Бу олам томошахона эмас, балки имтиҳон майдонидир, охиратга элтувчи бир йўлақдир. Парвардигор ўйин-кулгига муҳтож эмасдир. Бу ояти каримадаги гап фаразан айтилган бўлиб, «бўлиши мумкин эмасу, мабодо бўлган тақдирда ҳам шундай бўларди» маъносида келган.
Аллоҳ таоло кўнгилхушлик қиладиган Зот эмас, аммо мабодо шундай қилса ҳам ўша кўнгилхушлик қилиш воситаси Унинг Ўзи томонидан, Ўзига боғлиқ нарсадан бўлар эди, бандаларга асло боғламас эди. Фақат одамлар билиб қўйсинларки, Аллоҳ осмонлару Ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб яратган эмас, балки уларни тенгсиз илоҳий ҳикмат билан, улкан мақсадлар учун яратган.
39. Биз уларни фақат ҳақ билан яратдик, лекин уларнинг кўплари билишмайди.
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз осмонлар ва Ерни, улар орасидаги нарсаларни фақат ҳақ билан, ҳикмат билан яратганмиз. Бизнинг яратувчилик қудратимизга далил-ҳужжат излаган ҳар бир киши атрофига бир назар солсин: қуёш ва ойнинг бирор кунни канда қилмай мунтазам алмашиниб туриши, кеча ортидан кундузнинг кириб келиши, инсонларнинг Ер юзида ҳаёт кечиришлари учун беҳисоб ризқ манбаларининг пайдо қилиб қўйилгани, жонзотларни уларга бўйсундирилгани - буларнинг ҳамма-ҳаммаси илоҳий мўъжиза сифатида ҳақ билан яратилгандир. Бутун коинот тизимини дақиқ бир низом асосида яратган Парвардигорнинг қудрати за ҳикматида Аллоҳдан қўрқувчи тақволи кишилар учун етарли ибрат бор.
Аммо кофир ва мушрик кимсалар буни билишмайди, шунинг учун Парвардигорларига куфр келтирадилар, қайта тирилишни лнкор этадилар. Ҳолбуки, ўлгандан кейин қайта тирилиш мантиқ тақозосидир, ақл тақозосидир. Чунки бу дунё охиратнинг экинзори, холос. Охират ҳаётига қандай тайёргарлик кўрганини аниқлаб олиш бекати, холос. Жаннатга ким киради-ю, дўзахга ким кириши ажратиб олинадиган жой, холос. Илоҳий адолат юзага чиқиши учун, хар ким ўз қилмишига яраша мукофот ёки жазо олиши учун қайта тирилишнинг бўлиши шарт. Мушриклар ўзларича, ўлганимиздан кейин қайта тирилмаймиз, деб қаттиқ адашадилар.
40. Ажрим Куни барчалари учун белгиланган вақтдир.
Қиёмат кунининг номларидан бири «явмил фасл», яъни ажратиш, ажрим қилиш кунидир. Чунки ўша куни имонли ва тақволи бандалар билан кофир ва мушриклар ораси ажрим қилинади. Ўша кунда имон ва куфр, ҳидоят ва залолат, савоб ва гуноҳ, яхши ва ёмон, ҳақ ва ботилнинг ораси ажратилади. Мўминлар жаннатга, кофирлар дўзахга ажралиб кетишади. Пайғамбарлар ўша куни ўзларига имон келтирган мўминлар фойдасига,ўзларини инкор қилган куфр эгаларининг зарарига гувоҳлик беришади. Бировнинг савоб ё гуноҳи бошқасига ўтмайди, бировнинг ҳақи ўзгада қолмайди, мўмин мукофотсиз, куфр ва ширк эгаси жазосиз қолмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло қиёматни ажрим қилинадиган, ҳамма нарса сарак-пучакка ажратиладиган кун деб атаган.
41. У Кунда дўст дўстга бирон нарсада асқатмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди.
Мазкур ажратиш, ажрим қилиш Кунида илоҳий адолат тантана қилади: дунёда қанчалар баобрў ва давлатманд, қудратли ва салоҳиятли бўлмасин, бирор киши ўз дўстига асқатмайди, жонига ора кирмайди, савобини кўпайтириб ёки гуноҳини енгиллатиб қўя олмайди. Чунки унинг ўзи ёрдамга муҳтож бўлиб туради. Ўша кунда ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади, биров бошқасига асло ёрдам беролмайди.
42. Аллоҳ раҳм қилганларгина мустасно. У қудратлидир, раҳмлидир.
Ҳамма нарса ажрим қилиниб, одамлар мўмин ва кофирга ажратилиб турган бир пайтда Аллоҳнинг меҳрибонлиги ягона нажот ва ёрдам воситаси бўла олади. Ал-Азиз, ар-Раҳим сифатли Зот бандаларига ўта меҳрибон ва раҳмли бўлгани учун ҳам уларга ёрдамга келади. Қалбида заррача имон уруғи топилса, азобларини енгиллатади, Ўзининг зикр қилинган сифатлари билан мўмин-мусулмон, тақводор бандаларига раҳм қилади, ёрдам беради. Мўмин киши Аллоҳни Азиз деб билгач бошқа бирор махлуқотни улуғ деб эътиқод қилмаслиги даркор. Аллоҳнинг қадаридан бошқа қадарни паст деб билиши керак. Аллоҳнинг зикридан бошқа зикрларни маҳв этиши лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бадавлат кимсанинг олдида ўзини хор тутса, динининг учдан иккисини кетказибди», деганлар (Байҳақий ривояти).
43. Албатта заққум дарахти -
Қиёмат куни Аллоҳнинг раҳматига ва марҳаматига сазовор бўлиб, жаннат боғларидаги абадий ҳаётга сазовор бўлган тақволи мўминлар хушнуд ва мамнун ҳолда турган бир пайтда кофир ва мушрик кимсаларнинг аҳволи ўта аянчли, қўрқинчли бўлади. Улар дўзахда мангу қолишга, у ерда инсон тасаввурига сиғмайдиган оғир азоблар ичра бўлишга маҳкумдирлар. Уларнинг емишлари заққум дарахтининг аччиқ меваси, ичимликлари қайноқ сув ва йиринг-зардоб бўлади.
Дўзахдаги жуда аччиқ, бадбўй, хунук дарахтнинг номи «заққум» деб аталади. Абу Жаҳл каби ашаддий мушриклардан иборат дўзах аҳли заққум, самум (қайноқ шамол), қайноқ сув ва олов билан азобланади, уларнинг емиши фақат заққум, ичимлиги қайноқ сув бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Заққумнинг бир томчиси дунё денгизларига томиб кетса, Ер аҳлининг ҳаётини бузиб юборган бўлар эди», деганлар (Термизий ривояти). “Заққум” сўзи ўлим келтирувчи деган маънони англатиб, унинг мевалари лнсонни ўлимга олиб боради.
44. гуноҳкорнинг таомидир;
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз заққум дарахтини золимлар, яъни кофир ва мушрикларучунтаом қилиб қўйганмиз, бууларга бир фитна, синовдир. Улар заққум сабабли фитнага, синовга дучор бўлишди. Мушриклар «Жаҳаннамда «заққум» деган дарахт бўлар экан» деган гапни эшитганларида «Ҳамиша олов ёниб турадиган дўзахда қанақасига дарахт ўсиши мумкин, ахир у оловда куйиб кетмайдими?» деб масхара қилишган. Макка мушрикларининг бошлиқларидан Абу Жаҳл эса заққум ҳақида: “У сариёғ аралаштирилган Ясриб хурмоси экан, Аллоҳга қасамки, агар имкон бўлса, бир маза қилиб заққум ейлик!” деган киноя билан. Бу жоҳил кофир ва мушриклар-нинг ҳар қачонгидай сафсата сотишидан дарак бериб турибди.
45. эритилган мис каби қоринларда қайнайди;
Дўзахийлар учун тайёрлаб қўйилган заққум дарахтининг илдизи дўзахнинг энг тубидан ўсиб чиқаркан. У ўт-олов ичидан ўсиб чиққани учун ҳам ўтда куймайди. Очликдан силласи қуриган, ташна бўлган дўзахий уни ейиши билан қорнида худди эритилган мис каби қайнаб туради. Мушриклар бу дарахтни калака қилиб туришаверсин, ҳали унинг ўтда куймаслиги ва аччиқ мевасидан тотиб кўришлари аниқ бўлганида уларнинг ҳоли нима бўларкин? Заққум дарахтининг мева тугар жойи,бутоғи энг хунук,жирканч ва қўрқинчли бир нарса экани аён бўлади. Муфассирлардан Замахшарийнинг ёзишича, бу манзара ифлослик, хунуклик ва қабиҳликни билдиради, зотан заққум дарахти ҳам, шайтон ҳам ўзида бутун қабоҳат ва нафрат қўзғайдиган жирканчликни мужассам қилган бўлади.
46. қайноқ сувнинг қайнашидек.
Яна заққум дарахтининг меваси дўзахийнинг қорнида қайноқ сув қайнагани каби қайнаб-тошиб тураркан. Одатда бирор таом ёки егуликни танага қувват, нафсга лаззат бўлиши учун истеъмол қилинади. Аммо дўзахга кирувчи кофир, мушрик ва осийлар ўша хунук, жирканч ва қўрқинчли, шайтонларнинг бошларига ўхшаган заққум дарахтининг меваларини еб, на қувват, на лаззат олишади. Уларни доимий очлик ва ташналик қийнаб юборганидан ана шу жирканч ва фойдасиз меваларни ейишга мажбур бўлишади. Ҳолбуки, дўзахийларнинг асосий емишлари заққум бўлгани учун ундан қоринлари қаппайгунча ейишади. Аммо қоринлари тўймайди, еганлари сари азоблари янада ошиб бораверади. Бунинг устига қориндаги қайноқ сув каби баттар безовта қилади.
47. «Уни тутиб, дўзах ўртасига судраб боринглар;
Дўзахнинг баджаҳл ва итоаткор соқчиларига қарата: “Дўзахийларни тутиб келиб, дўзахнинг ўртасига судраб боринглар!” деган амр бўлади. “Тутиш” ва “судраб бориш” жумлаларида дўзах аҳлини хорлаш, камситиш, ерга уриш маънолари бор. Улар дунёда ўзларининг жамиятдаги мавқелари, топган мол-мулклари, мансаб ва обрўлари билан кибрга боришган, Аллоҳга имон келтиришни ўзларига ор санашган, мўмин-мусулмонларни хўрлаб-камситишган эди. Мана энди ўзлари шарманда, хор-абгор ҳолда, нима қилишларини, кимдан ёрдам сўрашларини билолмай, ҳайрону сарсон туришибди. Ҳолбуки, кибриёлик ҳам, ҳокимлик ҳам, қудрат ва шафоат ҳам фақат буюк Аллоҳгагина хосдир.
48. сўнгра боши устидан қайноқ сув азобини қуйинглар!»;
Дарҳақиқат, Аллоҳ ожиз қилиб яратган инсон сал бойлик ёки шуҳрат келиб қолса, ҳаддидан ошиб, ўзини қудратли ва ҳаммадан устун санай бошлайди. Ана шу ғурури ва кибри туфайли Аллоҳнинг ваҳийларини ёлғонга чиқаришгача боради, Унга имон келтиришдан ор қилади. Унинг бу осийлиги жуда қимматга тушади: қиёмат куни у инсонларнинг энг тубани ва ночорига айланади. Дўзахга тушганининг ўзи камлик қилгандай, у ерда азоб устига азоб келаверади. Заққум дарахтининг заҳарли мевасидан еб, устидан қайноқ сув ва йиринг ичган дўзахийнинг боши устидан қаноқ сув қуйишга амр бўлади. Дўзахга вакил қилинган кучли, қўпол ва шафқатсиз фаришталарга уларнинг бошларидан ўта қайноқ сув қуйиб азоблаш топширилади Бу ишлар гуноҳкорларга кўрсатиладиган муносабатнинг бир кўриниши, холос.
49. «тотиб кўр, сен «азизу мукаррам» дирсан!
Яъни, “Эй мушрик кимса, сен ўз гумонингча, Макка атрофида ўзингни ҳаммадан азиз ва мукаррам, обрўли санардинг. Аллоҳнинг Пайғамбари ва у зотга эргашган мусулмонларни паст санаб, уларга доимо тазйиқ ва зулм ўтказардинг. Мана энди ана шу қилмишларингнинг ҳисобини бериш пайти келди. Эй ўзини бошқалардан азиз ва мукаррам санаган мушрик, Аллоҳнинг сенга атаб қўйган азобларидан бир улушини тотиб кўр!” Бу сўзлар дўзах фариштала-ри томонидан дўзахийларга масхара ва киноя тарзида айтилади.
Қатода айтади: “Бу оят Аллоҳнинг душмани Абу Жаҳл ҳақида нозил бўлган. У: “Муҳаммад мени қўрқитяптими? Аллоҳга қасамки, мен (Макканинг икки) тоғи орасидаги энг қудратли, иззатли кишиман-ку!” деган эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Икримадан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Жаҳлга дуч келдилар. Шунда Абу Жаҳл: “Биласанки, мен водий аҳлининг энг зўриман. Мен қудратли ва улуғман”, деди. Аллоҳ уни Бадр кунида ўлдириб, хор қилди. Абу Жаҳл ўз сўзи билан ўзини айблади ва у ҳақда юқоридаги оят нозил қилинди”.
50. дарвоқе, бу сизларнинг шубҳа қилиб юрган нарсангиздир!»
Абу Жаҳл каби кофир ва мушриклар ўзларинингўлгандан кейин қайта тирилишларига ишонмас, бу ҳақда гапларни ҳазил санаб, мазах қилишарди. Шунинг учун қиёмат куни дўзахнинг қаттиқ қўл посбонлари уларга ўзлари шубҳа қилиб юрган нарсанинг рўёбга чиққанини эслатишмоқда.
Ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишониш киши имонининг бир шартидир. Аллоҳ таолонинг амри билан Исрофил алайҳиссалом иккинчи сур чалганидан сўнг барча жонзотлар, жумладан инсонлар қайтадан тирилади. Уларнинг асл жасадларига руҳлари қайтарилади ва улар қабрларидан чиқиб, Маҳшаргоҳга тўпланишади ҳамда ҳисоб-китобга тортилишади. Инсон ўлиши билан унинг охират ҳаёти бошланади. Мўминлар ўлимдан кейин тирилиб маҳшаргоҳда тўпланишларига, қилган яхши ва ёмон амаллардан ҳисоб беришла-рига имон келтиришлари вожибдир. Амаллар Ҳақ тарозиси (мезон) да тортилиб, яхши амалли, имонлилар абадий ором-фароғат маскани бўлмиш жаннатга киради, имонсизлар ва айрим гуноҳкорлар дўзахга ташланади.
Аллоҳ таолога ишонмайдиганлар ўз амалларининг ёмонлиги сабабли ўлимдан қочадилар. Кофир ва мунофиқларнинг бу дунёда қилаётган гуноҳларига қарамай тинч қўйилиши гуноҳларининг кўпайиши ва охиратда ҳақиқий азоб тортишлари учундир. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни биз ўн киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўргани бордик. Орамиздаги ансорлардан бири: «Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида энг фаросатлиси ва энг шарафлиси кимлар?» деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ўлимни энг кўп ёдга олувчилар, энг кўп ўлимга ҳозирланган кишилар!... Фаросатлилар, шарафлилар ана шулардир. Шулар дунёдан шараф билан ўтадилар ва охиратда ҳам шарафли ўринни қўлга киритадилар», деб жавоб қилдилар”.
51. Тақводорлар албатта омонлик мақомидалар;
Аллоҳдан қўрқувчи,У белгилаб қўйган ҳад-чегараларга амал қилувчи тақволи бандаларга жаннатда ҳеч қандай ғам-ташвиш, кўнгилхиралик, бало-мусибат хавф солмайди. Улар бу ерда албатта омонлик, хотиржамлик мақомида бўлишади. Имом Ғаззолий айтганидай, “агар жаннатда сиҳат-саломатлик билан бирга ўлим, очлик, ташналик каби офатлардан омонлик бўлсаю, бошқа ҳеч нарса бўлмаса, фақат шу сабабнинг ўзи ҳам бу дунёдан юз ўгиришга арзийди”.
Ана шундай руҳий фароғатга сазовор бўлган зотлар тақводорлардир. Аллоҳнинг уқубати ва азобларидан сақланиш учун Унинг буйруқларини бажариш, қайтариқларидан четланиш «тақво»дир. Тақво Аллоҳ таолодан қўрқиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан тийилишдир. Тақводор кишилар ишончли саналади, улардан ҳеч ким зиён кўрмайди, улар тақволари эвазига Аллоҳнинг улуғ марҳаматларига эришишади. Қуръони каримда шундай дейилган: «Аллоҳнинг наздида сизларнинг ҳурматлироғингиз таҳводорроғингиздир» (Ҳужурот, 13). Тақвонинг акси фисқ-фужур ва исён, Аллоҳга осий бўлиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан сақланмасликдир.
52. боғлар ва булоқлар узра.
Тақводор жаннатийлар у ерда мангу хазон бўлмайдиган боғлар, суви шаффоф ва мусаффо бўлган қайнар булоқлар узра роҳатда бўлишади. Ҳасан Басрий айтади: “Жаннат анҳорларидан туриб қолмаган мусаффо сувлар, таъми ўзгармайдиган тотли сутлар, сузиб олинган тоза асаллар оқиб туради. Жаннат анҳорларида ичганларга лаззат берувчи шундай майлар оқиб турадики, улар ақлни кетказмайди, бошни оғритмайди, кайфиятни бузмайди. Жаннатда бундан бошқа кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, хотирга келмаган неъматлар бор... Жаннат хурмолари, боғлари маржондан, меваларининг эса нимадан эканини ёлғиз Аллоҳ таологина билади. Уларнинг ҳидлари беш юз йиллик масофадан таралиб туради...”.
53. Улар юпқа ва қалин ипакдан кийишади, бир-бирларига юзма-юз ҳолдалар.
Аллоҳ таоло айтяптики, дунёдан имон билан, солиҳ амаллар қилиб ўтган бандаларимга охиратда тайёрлаб қўйилган жаннатда улар сундус (юпқа, ҳарир ипак, атлас) ва истабрақдан (қалин ипак, парча, беқасам) тайёрланган яшил рангли кийимлар кийган бўлишади. Ваҳоланки, дунё ҳаётида уларга тилла тақиш, ипакли кийимлар кийиш тақиқланган эди. Жаннатийлар одамлар кўзидан пана қилинган баланд сўриларда бир-бирларига юзланган ҳолда хотиржам ўтиришади. Имонли кишилар учун яратилган жаннатлардаги ҳаётдан ҳам яхши мукофот ва ҳузурланиш жойи бўлиши мумкинми?
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти нарсага буюриб, етти нарсадан қайтардилар. Қайтарганлари: тилла узук тақиш; кумуш идишда ичиш; туя эгарларига кимхоб ёки ипак тўшаш; ипак ва каноп аралаштирилган либос кийиш; ипакли кийим кийиш; қалин ипакли кийим кийиш; юпқа ипакли кийим кийиш (Бухорий ва Муслим ривояти). Чунки мўминларнинг кийимлари жаннатда юпқа ва қалин ипақдан бўлгани учун уларга дунёда ипак кийиш тақиқлаб қўйилган.
54. Мана шундай! Яна уларни оҳукўз ҳурларга уйлантириб қўямиз.
Аллоҳтаоло айтяптики,тақволи бандаларимизни жаннатда охукўзли, ниҳоятда гўзал ва иболи хурларга уйлантириб ҳам қўямиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам шундай деганлар: «Биринчи жаннатга кирувчилар тундаги тўлин ой каби бўлишади. Кейингиларининг эса нур таратиши ёруғ юлдуздан ҳам кучли бўлади. Улар пешоб ҳам, ҳожат ҳам, тупук ҳам, балғам ҳам чиқаришмайди. Уларнинг тароқлари тиллодан бўлади. Терлари мушк кабидир. Тутатадиган нарсалари хушбўй шохчалардан, хотинлари эса охукўзли ҳурлар бўлишади» (Бухорий ва Муслим ривояти); Муоз ибн Жабал розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Дунё ҳаётида бирор хотин эрига озор берадиган бўлса, (жаннатдаги) ҳурлар: «Аллоҳ ҳалок қилгур, бу кишига озор берма! У сенинг ҳузурингда вақтинчалик меҳмон, холос. Тез фурсатда сендан ажралиб, бизнинг ҳузуримизга келади» дейишади» (Термизий ривояти).
55. Улар у ерда хотиржам ҳолларида турли меваларни чақиришади.
Жаннат аҳли учун у ерда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъматлар, абадий роҳат-фароғат ва дунёда кўришмаган лаззатлар бўлади. Улар жаннатдаги одамлар кўзидан паналанган сўриларда бир-бирларига қараган ҳолда хотиржам, омонлиқца ўтиришади. Улар кўнгилларига келган нарсани исташлари билан ўша заҳоти муҳайё қилинади. Агар турфа мевалардан егилари келса, бу нарса хаёлларидан ўтиши билан жаннатнинг ёш хизматкорлари шу заҳотиёқ ўша мевани етказиб келади.
56. Улар у ерда биринчи ўлимдан бошқа ўлимни тотишмай-ди. (Аллоҳ) уларни дўзах азобидан сақлагандир.
“Биринчи ўлим” деганда инсоннингўзига берилган умрини яшаб, ажали етганидан сўнг вафот этиши тушунилади, чунки бундан кейин энди ўлим бўлмайди. Аллоҳдан қўрқувчи бандалар бу дунёдан узилиб, охират дунёсига кўчишдаги ўлимдан бошқасини тотишмайди. Улар жаннатда абадий тирик бўлишади. Аллоҳ тақволи бандаларини дўзах азобидан асрагандир. Абу Саид ва Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Нидо қилувчи: “Сизлар (жаннатда) албатта соғ бўласизлар, ҳеч қачон касал бўлмайсизлар, сизлар албатта абадийсиз, ҳеч қачон ўлмайсиз, сизлар албатта ёшсиз, асло қаримайсиз, сизлар албатта неъматлар ичрасиз, ҳеч қачон маҳрум бўлмайсиз”, деб нидо қилади”.
57. (Бу) Парвардигорингиздан фазл-марҳаматдир. Мана шу улкан ютуқдир.
Аллоҳ таоло пайғамбарларини юбориш орқали бандаларининг тўғри йўлда бўлиб, Ўзининг амр-фармонларини бажарган ҳолда охират дунёсида Ўзи ваъда қилган олий мукофотларга сазовор бўлишларини ирода қилган эди. Бу эса Парвардигорнинг бандаларига кўрсатган улкан фазлу марҳаматидир. Ким дунё ҳаётида Аллоҳнинг амрларини қаттиқ тутиб, ҳидоят йўлида юрган ва солиҳ амаллар қилган бўлса, охиратда улкан ютуқни, яъни улуғ саодатни қўлга киритибди. Ким Аллоҳнинг ваҳийларини инкор этиб, залолат йўлларида адашиб, охиратга тайёргарлик кўрмаган бўлса, бундайлар катта зиёнга қолишибди.
58. (Эй Муҳаммад), дарҳақиқат эслатма олишлари учун уни тилингизга осон қилдик.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбарига хитоб қиляптики, эй Муҳаммад, Биз Қуръонни фасоҳатли араб тилида нозил қилиб, қи-роат қилишда ва тушунишда сизнинг тилингизга осонлаштириб бердик. Яъни, Қуръон билан тақводор бандаларимга жаннатдаги абадий роҳат-фароғатнинг хушхабари беришингиз, осий, исёнкор қавмлар учун эса охиратдаги ғазабимиз ва азобимиз ҳақида огоҳлантиришингиз учун Биз Қуръонни она тилингизда нозил қилдик, унингтиловатини тилингизга осон қилиб қўйдик. Шоядки, одамлар бу ҳақда фикр юритиб, ўзларини ўнглаб олишса, имон, Ислом йўлига юриб, икки дунё саодатини қўлга киритишса!
59. Энди сиз кутиб туринг, улар ҳам албатта кутувчидирлар.
Эй Пайғамбар, кофир ва мушрикларнинг оқибати нима билан тугашини кутиб туринг, яқинда ҳаммаси аён бўлади. Улар ҳам сизнинг вафот этишингизни кутишяпти, лекин бу билан уларнинг ҳолати яхшиланиб қолмайди. Қиёмат - ҳақ, ўлгандан кейин қайта тирилиш - ҳақ, инсонларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб қилиниб, имонлари ва солиҳ амаллари учун жаннатга, гуноҳкорлар эса куфр ва ширклари туфайли дўзахга киришлари - ҳақ. Сиз ҳам кутинг, улар ҳам кутишаверсин, Аллоҳ ваъда қилган қиёматнинг келишига оз қолди...
Духон сурасининг фазилати ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар бор. Яҳё ибн Ҳорис Абу Рофеъдан шундай ривоят қилади: “Ким Духонни жума оқшомида ўқиса, гуноҳлари мағфират қилинган ҳолда тонг оттиради ва оҳукўз ҳурлардан бирига никоҳланади” (Доримий ривояти); Абдуллоҳ ибн Исодан ривоят қилинади: “Менга хабар қилинишича, ким Духон сурасини жума кечаси унга имон келтирган ва уни тасдиқлаган ҳолида ўқиса, тонг отганда унинг гуноҳлари кечирилган бўлади” (Доримий ривояти).