Мадинада нозил бўлган, 38 оятдан иборат
Муҳаммад - Қуръони каримнинг қирқ еттинчи сураси номи, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг номлари билан аталган, Мадинада нозил бўлган, 38 оятдан иборат. Унда асосан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва у жангда риоя қилиниши лозим бўлган тартиб-интизом ва қонун-қоидалар ҳақида сўз боради. Шунинг учун у «Жанг» сураси деб ҳам аталади. Сурада агар мўминлар Аллоҳнинг динига ёрдам беришса, Аллоҳ таоло ҳам уларнинг ёрдамида бўлиши, очиқ душманга қарши жанг қилиш билан бирга ораларидаги мунофиқлар-нинг кирдикорларидан ҳам эҳтиёт бўлиш зарурлиги уқтирилади. Ушбу сураи карима бошқа маданий суралар каби, шариат ҳукмларига, ибодатга, одоб-ахлоққа, муомала каби нарсаларга алоҳида аҳамият беради. Бу сурада Пайғамбар алайҳиссаломнинг номларини абадийлаштириш, у зот охирги пайғамбар эканлари, омонатли ва содиқ эканлари, у зотга эргашганлар тўғри йўлда бўлишлари, улар илоҳий ҳидоят соҳиблари эканликлари ҳақида сўз кетади. Сура Аллоҳнинг дини устун бўлиши учун Ер юзини ширқдан тозалашга ҳисса қўшганларни мадҳ этар экан, аслида, Аллоҳ бусиз ҳам ўч олиши мумкин экани, лекин кишиларни синаш учун шундай қилганини баён этади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1.Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларнинг амалларини барбод қилди.
Аллоҳга имон келтиришдан бош тортиб, Унинг ваҳийларини инкор қилишдан ҳам оғирроқ гуноҳ йўқ дунёда. Кофирлик асло кечирилмас жиноятдир, куфр келтирганлардан ҳам залил ва хорроқ одамни топиш қийин. Шундай кимсалар борки, уларнинг ўзлари куфр келтирибгина қолмай, Аллоҳнинг ҳидояти сари юзланган бошқа одамларни ҳам Аллоҳнинг динига киришдан тўсмоқчи бўлишади. Бундай имонсиз, динсиз ва Аллоҳнинг йўлидан юз ўгирган ҳамда одамларни бу йўлдан қайтараётган кимсаларнинг барча амалларини, ҳатти-ҳаракатларини Аллоҳ таолонинг Ўзи ботил ва барбод қилади, яъни йўққа чиқаради ёки бефойда қилиб қўяди. Кофир ва динсиз кимсалар одамларни Аллоҳнинг динига киришдан тўсишга қанчалар ҳаракат қилишмасин, барча ҳаракатлари беҳуда, бесамар кетади. Чунки Аллоҳ таоло Исломни қиёмат кунигача ҳимоя қилишни Ўз зиммасига олган. Шунинг учун ҳам дунёда қанчадан-қанча кучли, қудратли, катта имкониятларга эга бўлган тузум ва шахслар ўзларининг қабиҳ қилмишларини амалга ошириш учун қанақанги макр-ҳийлалар ўйлаб топишмасин, Исломни ёмонотлиқ қилишга қанчалар уринишмасин, уларнинг барча ҳаракатлари, амаллари ботилга айланади, ўзлари эса хор-зор бўлиб, ниятларига етолмай доғда қолишади. Бундан кейин ҳам уларнинг ҳолати шундай бўлиши муқаррар. Зотан, Аллоҳ таоло ваъдасига асло хилоф қилмайди.
2. Имон келтирган, солиҳ амалларни қилган ва Муҳаммадга нозил қилинган нарсага - ҳолбуки, у Парвардигорларидан келган ҳақдир - имон келтирганларнинг айбларини беркитади ва аҳволларини ўнглайди.
Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсувчиларнинг зидди ўлароқ, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига имон келтирган, дунё ҳаётида солиҳ амаллар, эзгу ишларни қилиб ўтганларнинг охиратдаги оқибати хайрлидир, гўзалдир. Чунки Улар Пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссаломга Парвардигорлари томонидан нозил қилинган ҳаққа, яъни Қуръони каримга имон келтирганлари учун Аллоҳ ана шундай мўминларнинг айбу хатоларини яширади, яъни сатр қилади. Сабаби, кишининг имони ҳақиқий бўлса, эгасини солиҳ амалларга, яхшиликларга ундайди, шунинг учун ҳам Қуръони каримда кўпинча «имон»дан кейин «солиҳ амал» зикр этилади.
3. Бу куфр келтирганларнинг ботилга эргашганлари ва имон келтирганларнинг эса Парвардигорларидан бўлган ҳаққа эргашганлари учундир. Аллоҳ инсонларга уларнинг мисолларини шундай баён қилади.
Аллоҳ ҳидоятни ирода қилган зотлар аввало ҳидоят учун қалбларини очган, ақлларини ҳақ томон бура олган, Унинг кўрсатмаларига самимий ихлос кўрсата олган, амру фармонларини мунтазирлик билан кутган содиқ бандалар бўлади. Мана шу савиядаги бандалар учун ҳидоят йўлида Аллоҳнинг ўзи ёрдамчи бўлади. Аллоҳ сўнггида уларнинг ҳолатларини ўнглаб, ҳидоятга муваффақ қилади. Аллоҳ залолатга учрашларини истаган кимсаларнинг ўзлари аввало ҳақиқат душмани, залолат гумашталари бўлиб, ўзларидаги имон ва Исломга эриштирувчи барча йўлларни беркитиб ташлаган бўлишади. Мазкур кимсалар ўзларидаги ҳақиқатга элтувчи жамики эшикларни шундай қаттиқ ёпишганки, энди уни на бир пайғамбар, ва на муқаддас илоҳий китоб оча олади. Бундай кимсалар оятда зикр этилганидек, “кар, соқов, кўр”дирлар. Имонлилар эргашган ҳақ, яъни Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан юборилгандир. Унинг асоси, пойдевори ва илдизи оламларнинг Парвардигорига бориб тақалади. Модомики, мўминлар Аллоҳдан бўлган ҳаққа эргашар эканлар, уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади, ҳолатлари яхшиланади, охиратда эса чиройли оқибатга мушарраф бўлишади. Аксинча, куфр келтирганларнинг дунёда қилган барча иш-амаллари ҳабата - бекор бўлиб кетади, Аллоҳ уларни охират азобига йўллайди, уларга ёрдам кўрсатадиган бирор зот бўлмайди. Мана шу куфр келтириб ботилга эргашганлар билан имон келтириб, Парвардигорларидан келган ҳаққа эргашувчи мўминларнинг оқибатидан хабар берувчи мисоллардир.
4. Куфр келтирганлар билан тўқнашганингизда бўйинларга уринглар! Уларни тор-мор қилганингиздан сўнг тутқунликда маҳкам ушланглар. То уруш анжомларини қўймагунларича ё илтифот ёки товон олишдир. Хукм шудир. Аллоҳ хоҳлаганида улардан Ўзи ғолиб келарди, лекин У баъзиларингизни баъзиларингиз ила синашни истади. Аллоҳ йўлида ўлдирилганларнинг амалларини асло зое қилмайди.
Бир қарашда ушбу оятини каримани ўқиган кишида ҳар бир мусулмон учун йўлида учраган ғайридинни ўлдириш вожиб қилинганга ўхшаб туюлади. Лекин ушбу оят уруш пайтидаги ҳолат ҳақида сўз юритади. Бошқа оятларда эса улар мусулмонларга қарши ўзлари уруш қилишмаса, аҳднома асосида тинч-омон яшашга даъват қилинган. Шунингдек, ғайридин одамлар Ислом давлатларида ҳозирги кунимизгача барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган ҳолда яшаб келишмоқда. Қуръони карим оятларида бу нарса кафолатлаб қўйилган. Демак, Исломнинг ғайридинларга бўлган муносабатини тўла, тўғри тушуниш учун бир оятдаги жумла кифоя эмас, балки мазкур мавзу ҳақидаги барча оят, ҳадис ва аҳкомларни яхшилаб ўрганиб бўлиб, кейин ҳукм чиқариш керак бўлади.
Қайси бир қавм бошқа бир қавмга уруш очиб, зулм қилишга ўтсагина Аллоҳ таоло урушишни ҳалол қилган. Душманга қарши уруш очишда Аллоҳ йўлининг ғолиб бўлишигина кўзда тутилади, аммо бунда тажовузга йўл қўйилмайди. Чунки Аллоҳ таоло тажовузкорларни ёмон кўради. Икки тоифанинг урушиши муқаррар бўлиб, мусулмонлар куфр келтирганлар билан муҳорабага киришадиган бўлишса, уларнинг бўйинларига уришсин, яъни ўлдиришсин. Чунки улар Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг асл душманларидир. Мусулмонлар охиригача жанг қилиб, душманларнинг шавкати ва тоқати тугагач, ўзлари таслим бўлганидан кейин уларнинг қўлга тушганларини ўлдирмай, асирлиқца сақласалар ҳам бўлади. Шундан сўнггина қўлга тушган асирларни товон олиб ёки ҳеч нарса олмай озод қилиш ҳам жоиздир. Мусулмонлар раҳбари ижтиҳодида қайси йўл мақбул кўрилса, шунга амал қилинади. Аллоҳнинг ҳукми мана шундайдир! Аллоҳ хоҳласа, куфр аҳлини Ўзи мавҳ қилиб, улар устидан ғолиб келган бўларди. Аммо Парвардигор куфр аҳлини ҳам. мусулмонларни ҳам шу йўл билан имтиҳон қилади. Мусулмонларни шундай имтиҳон қилурки, “улардан ким Аллоҳ йўлида жонини ва молини сарф қила олади?” деб. Куфр аҳлини шундай имтиҳон қилурки, “ким Парвардигорининг огоҳлантиришидан сўнг ҳакка бўйсунади?” деб. Ушбу суранинг биринчи оятида куфр келтирганларнинг амалларини Аллоҳ таоло ботил қилиши, ҳабата - бекор қилиши ҳақида сўз кетган эди. Ҳозир эса унинг акси - АллоҳЎз йўлида шаҳид бўлганларнинг амалларини зое қилмайди, уларнинг савобини кўпайтириб беради, дейиляпти.
5. Уларни ҳидоят қилади ва ҳолатларини яхшилайди.
Аллоҳ таоло бундай бандаларини ҳидоят йўлига солиб қўяди ва охиратдаги ҳолатини энг гўзал оқибатга айлантиради. У бундай бандаларига бошқа ҳеч кимга бермаган улуғ мукофотларини ато этади ва охиратдаги мақомини энг олий даражаларга кўтариб қўяди. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени учратиб қолиб: «Ҳой Жобир, нега сени синиқ ҳолда кўряпман?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, отам шаҳид бўлди. Уҳуд куни қатл қилинди. Менга аҳлу аёл ва қарз қолдирди», дедим. «Аллоҳ отангни нима билан кутиб олганининг башоратини берайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. «Аллоҳ ким билан гаплашган бўлса, фақат ҳижоб ортидан гаплашган. Отангни тирилтириб, у билан юзма-юз гаплашди. Шунда унга: «Эй бандам! Мендан орзу қил, сенга бераман», деди. «Роббим! Мени тирилтир, йўлингда иккинчи марта қатл қилинай», деди. Аллоҳ азза ва жалла: «Албатта, Мендан «Улар унга қайтарилмаслар» деган гап ўтган», деди. Ва ушбу оят нозил бўлди: «Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар» (Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти).
6. Уларни Ўзи таърифлаган жаннатга киритади.
Аллоҳ йўлида жанг қилганлар, бунга жонини ва молини сарфлаганлар учун Аллоҳ таоло кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъматларга тўла жаннат боғларини тайёрлаб қўйган. Уларнинг васфи Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Абу Саъид розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Албатта, Аллоҳ таоло жаннат аҳлига: «Эй жаннат аҳли!» дейди. «Эй Роббимиз! Лаббайка ва саъдайка! Ва яхшилик Сенинг қўлингда!» дейишади улар. «Рози бўлдингизми?!» дейди Аллоҳ. «Бизга не бўлдики, рози бўлмасак, эй Парвардигоримиз?! Ҳолбуки, Сен бизга махлуқотларингдан бирортасига бермаган нарсани бердинг», дейишади. «Сизларга бундан ҳам афзал нарсани берайми?» дейди. «Эй Парвардигоримиз! Қайси нарса бундан ҳам афзал?» дейишади. «Устингиздан розилигимни тушираман. Шундан сўнг сизлардан абадул-абад норози бўлмайман», дейди» (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).
7. Эй имон келтирганлар, агар Аллоҳга ёрдам берсангиз, У ҳам сизларга ёрдам беради ва қадамларингизни собит қилади.
Аллоҳ таоло имон келтирган бандаларига хитоб қилиб айтяптики, агар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У ҳам сизларга Ўз ёрдамини беради ва босган қадамларингизни мустаҳкам қилади. “Аллоҳга ёрдам бериш” эса Унинг амрларига итоат қилиш, Унинг динига хизмат қилиш ва бу диннинг бутун дунёга ёйилиши йўлида ҳаракат қилиш, илоҳий оятларга кўра ҳаёт кечириш, Унинг Китобига амал қилиш, Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашиш билан бўлади. Демак, Аллоҳга ёрдам бериш Аллоҳнинг динига хизмат қилиш, Аллоҳнинг амрларига бўйсунишни билдиради. Мусулмонлар Аллоҳга ёрдам берган пайтларида, улар оз, кучсиз бўлишларига қарамай, Аллоҳ ҳам уларга ёрдам бериб, мусулмонларнинг қўлини баланд қилган ва қадамларини собит айлаган. Бу ҳолат оз сонли мусулмонларнинг ўзларидан бир неча баробар кўп душман устидан ғолиб чиқишган Бадр ва бошқа ғазотлар мисолида яққол кўринади.
8. Куфр келтирганларга эса ҳалокат бўлади ва амалларини зое қилади.
Яъни, Ўзига итоат ва ихлос билан хизмат қилган мўмин бандаларига ёрдам берган Аллоҳ таоло ваҳийларига куфр келтирган кимсаларга кўмак бериш у ёқда турсин, уларни ҳалокат чоҳига отади ва дунёда қилган барча амалларини зое, бекор қилади. Охиратда уларга ҳеч қандай раҳм-шафқат қилмайди, қилган амалларининг заррача фойдаси бўлмайди, имонсизликлари туфайли яхшиликлари ҳам инобатга олинмайди.
9. Бу уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани ёқтирмаганлари учундир. Шу боис У амалларини бекор қилади.
Аллоҳ таоло оятларига куфр келтирган кимсаларнинг амалларини нега зое қилиб, ўзларини ҳалокатга отмоқда? Чунки уларни ҳидоятга бошлаш учун Аллоҳ таоло Ўз ҳузуридан Қуръони каримни нозил қилиб, Пайғамбарини ҳақ йўлга даъват қилиш вазифаси билан юборган эди. Аммо нобакор кимсалар Аллоҳ нозил қилган Қуръонни ёқтиришмади, унинг оятларини инкор этиб, ёлғонга чиқаришди, ҳаётларини илоҳий таълимотлар асосида олиб боришмади. Шу тариқа бу бадбахт кимсалар Аллоҳ нозил қилган Қуръонни, шариатни, илоҳий таълимотларни ва динни ёқтирмаганлари учун барча амаллари ҳавога учиб кетади. Ояти каримадаги «аҳбата» сўзи аслида ҳазм бўлмайдиган озуқаларни ҳаддан ташқари кўп еб қўйиб, қорни шишиб-ёрилиб ўлган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Куфр келтирганлар ҳам худди ана шу ҳайвонлар озуқа деб зарарли нарсаларни еганига ўхшаб, имонсиз ҳолда фойдали иш қиляпман деб ўйлаганларнинг барча амаллари ҳабата бўлиб, ўзлари ҳалок бўлиб кетишади.
10. Улар Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Аллоҳ уларни тамоман яксон қилди-ку! Кофирларга ҳам шунга ўхшаши бўлади.
Имонсизлик, зулм ва ёвузликнинг охири ўта аянчли ва хатарлидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ушбу оятида мушрикларни ўтмишдошлари бошига тушган ҳодисалар ҳақида фикр юритишга, улардан ибрат олишга чақирмоқда. Ҳақиқатан, олдин ўтган умматлар ва халқлар қолдирган изларни, улар яшаган жойларини кўрганда ҳар бир инсон ўзича ўйлаб кўриши керак: улар ким эди, нега тамоман қирилиб, Ер юзидан йўқ бўлиб кетди, қайси қилмиши учун Аллоҳ уларни бундай жазолади, улар шунчалар қувватга эга бўлса ҳам, нега ҳалокатга учраб кетишди, уларнинг олдида бизлар ким бўлибмиз... ва ҳоказо. Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилган, пайғамбарларини ёлғончига чиқарганларнинг оқибати нима билан тугаганини билиш учун Ер юзини айланиб кўринглар, улар яшаган обод шаҳар-қишлоқларни, улар қурган муҳташам қасрларни Аллоҳ таоло бир лаҳзада кунфаякун қилиб ташлаганига ўзларингиз гувоҳ бўлинглар. Ибрат олиш учун улардан фақат хабардор бўлишнинг ўзи етарли эмас. Бу каби фалокатларнинг моддий натижаларини кўриш учун Ер юзида саёҳатлар қилиш, улар ҳақида фикр-мулоҳаза юритиш кераклиги уқтирилади. Албатта, шайтоний ҳатти-ҳаракатларда бўлганлар бошига албатта ёмон оқибат келади, бу ўзгармас илоҳий қонундир.
11. Бу, Аллоҳ албатта имон келтирганларнинг дўст-ҳомийи эканидан ва кофирларга ҳеч қандай ҳомий йўқлигидандир.
Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло имон келтирган мўмин бандаларининг энг яқин мавлосидир, яъни дўсти, ҳомийси, мададкоридир. У Зот кофир ва мушрик кимсаларга асло ёрдам ҳам бермайди, уларга дўст ҳам бўлмайди. Бунга кофир Фиръавн ва унинг имонли хотини Осиёни мисол қилиб келтириш мумкин. Аёлга золим эр Фиръавннинг зулми кучайиб кетганида у Парвардигорига кофир қавмнинг зулмидан қутқаришни сўраб, илтижо қилди. Кофирлар аёлни азоблашаётганида унинг дуоси ижобат қилинди: унинг учун жаннатда қурилаётган қасрлар кўрсатиб қўйилганида аёлнинг табассум қилганига гувоҳ бўлиб турган Фиръавн ва унинг аъёнлари ҳайрон қолишди.Аъёнларининг ҳайратга тушганини кўрган Фиръавн ғазабланиб:“Унинг жиннилигига ажабланяпсизларми? Мен уни азоблаяпману у эса куляпти”, деб қичқирди. Фиръавн хотинини ўлдиришга буюрди. Кофирлар унинг устига улкан тошни қулатишганида имонли аёлнинг покиза руҳи аллақачон жаннат сари олиб кетилган эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз бир куни ерга тўртта чизиқ чиздилар ва “Бунинг нималигини биласизларми?” деб сўрадилар. “Аллоҳ ва Унинг Расули билади”, дейишди саҳобалар. Пайғамбаримиз: “Булар жаннатнинг энг афзал аёллари Хадича бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Марям бинти Имрон, Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳимдир”, деб жавоб бердилар” (Аҳмад ривояти).
12. Аллоҳ имон келтирганлар ва яхши амал қилганларни албатта остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга ки-ритади. Куфр келтирганлар эса «баҳраланиб», худди чорва ҳайвонлари егандек еб-ичишади ва дўзах уларнинг жойидир.
АллоҳтаолоЎзига имон келтирганлар ваяхши амал қилганларга бу дунёда ҳам, у дунёда улкан мукофотлар ва катта бахт-саодатларни ато қилади. Аллоҳ таоло томонидан ваъда қилинган жаннатнинг дарахтлари остидан анҳорлар оқиб туради. Бу энг олий даражали боғу бўстоннинг васфидир. Бу дунёда ҳам дарахти остидан анҳорлар оқиб турадиган боғлар анҳори йўқ боғлардан неча чандон устун туриши ҳаммага маълум. Жаннат анҳори васфига тил ожизлигини ҳам ҳамма билади. Хдким ибн Муовия-дан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда сув денгизи, асал денгизи, сут денгизи ва хамр денгизи бордир. Кейин улардан анҳорлар чиқарилади», дедилар» (Термизий ривояти).
Аллоҳнинг ваҳийларига куфр келтирганлар эса чорва ҳайвонлари каби фақат қорин ғамида юришади, дунё лаззатларидан вақтинча “баҳраланиб” қолишга уринишади. Бу ўринда дунёдаги еб-ичиш ҳақида эмас, балки охиратдаги ҳақиқий насиба ҳақида сўз кетяпти. Мусулмон билан кофир ўртасидаги фарқ шу жойда билинади: мўминлар Аллоҳ ато этган ризқлардан еб-ичиб, унинг кучидан Аллоҳнинг тоати ва ибодатига сарфлашади ва икки дунё саодатини қўлга киритишади. Куфр аҳли эса дунё неъматларидан хузурланишни ўйлайдию, уларда охират ғами ва унга тайёргарлик бўлмайди. Шу боис, улар икки дунёларини ҳам қўлдан бой беришади. Оқибатда уларнинг борар жойи албатта дўзах бўлади.
13. (Эй Муҳаммад), сизни ҳайдаб чиқарган шаҳрингиздан кўра қувватлироқ қанчадан-қанча шаҳарларни ҳалок қил-ганмиз. Уларга бирор ёрдамчи бўлмаган.
Ушбу ояти карима Аллоҳга куфр келтирган, бошқаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган, Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган нарсага имон келтирмаган, ўзи ботилга эргашган, Аллоҳ нозил қилган нарсани ёқтирмаган ва Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг даҳшатли оқибатидан ибрат олмаган бахтсиз мушриклар ўзларига юборилган Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломни Маккадан чиқариб юборишганида нозил бўлган. Шу сабабли, Аллоҳ таоло Ўзининг севикли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга тасалли бериб: “Сиз ҳайдаб чиқарилган шаҳрингиздан ҳам қувватли, обод ва кўркам қанчалаб шаҳарларни ҳалок қилиб юборганмиз”, демоқда.
Аллоҳ таоло бирор кимсага дунё ва охиратда зулм қилмайди, уни огоҳлантирмай туриб ҳалок ҳам қилмайди. Шунинг учун У инсониятга вақти-вақти билан пайғамбарлар юбориб, уларни динга даъват қилади, яхши ва ёмон ишлардан хабардор этади. Диний даъ-ват етганидан кейин ҳам осийлик ва куфрга борганларни эса ҳалок қилади. Худди ана шундай гумроҳ ва нодон инсонлар каби Макка мушриклари ҳам Аллоҳнинг Пайғамбари даъватига қулоқ солишмади, ҳатто у зотни ёлғончига чиқаришади, жисман йўқ қилмоқчи бўлишди. Охири Аллоҳнинг Пайғамбарини ўзлари туғилиб ўсган она шаҳарларидан ҳайдаб чиқаришди. Шунинг учун Аллоҳ Ўз Пайғамбарига хитоб қиляптики, эй Пайғамбарим, Макка мушриклари сизни сиғдирмай, зўравонлик билан она шаҳрингизни ташлаб чиқиб кетишга мажбур қилишди. Бундан сира хафа бўлманг, Биз Маккадан кўра қувватлироқ бўлган кўпгина шаҳар-қишлоқларни аҳолисининг куфри ва пайғамбарларимизга озор берганлиги туфайли ҳалок қилганмиз. Хоҳлаган пайтимизда Макка аҳлини ҳам ҳалок қилаверамиз. Кейинчалик бу тасалли воқеъликда тасдиқланиб, Макка фатҳ қилинди. Шунда мушрикларга ёрдам берувчи бирор кимса топилмади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар алайҳиссалом Маккадан чиқиб, ғорга кирганларидан сўнг яна Маккага ўгирилиб, назар солдиларда: «Сен Аллоҳнинг шаҳарлари ичида Аллоҳ учун энг суюклисисан, мен учун ҳам Алл оҳнинг шаҳарл ари ичида энг суюклисисан, агар мушриклар мени сендан чиқармаганларида, сира чиқмас эдим», дедилар» (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
14. Ўз Парвардигори тарафидан аниқ ҳужжатга эга бўлган киши ёмон амали ўзига чиройли кўринган ва ҳавойи нафсига эргашганлар каби бўлармиди?!
Муҳаммад сурасининг бошидан охиригача мўминлар ва куфр келтирганлар орасидаги фарқлар турли йўсинда солиштирилиб, васф этиб келинмоқда. Ушбу ояти каримада ҳам мўмин ва кофирнинг икки сифатида зикр қилинмоқда. Мўминга Аллоҳ таоло тарафидан ҳидоят йўлини кўрсатиб берувчи аниқ ҳужжат - илоҳий кўрсатмалар масдари бўлмиш Қуръони карим нозил қилиб берилган. Улар илоҳий ваҳий кўрсатмаларига биноан ҳаёт кечириб, Парвардигорлари розилигини топишади ва икки дунё саодатини қўлга киритишади. Ёмон амаллари ўзларига чиройли кўрсатилиб қўйилган ва ҳавойи нафсига эргашган ғофил ва бахтсиз кимсалар эса мўминлар билан бу борада асло тенг бўлишмайди. Уларнинг имони бўлмагани учун ҳар қандай илоҳий дастурни инкор этишади ва бу қилмишлари билан ҳамма томондан зарар кўришади. Ҳавойи нафслари уларни истаган кўйига солади, шайтон ҳамиша йўлдан адаштиради, шу тариқа илоҳий таълмотлардан бебаҳра ҳолда дунёдан ўтиб кетишади. Уларнинг қўлида ҳидоят йўлига ўтиш, солиҳ амаллар қилишга чорловчи ҳеч қандай дастур йўқ. Шунинг учун ҳам мўмин ва кофирнинг оқибатлари бир-бирига ўхшамайдиган турлича бўлади.
15. Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлар ҳам, таъми ўзгармаган сутли анҳорлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли майли анҳорлар ҳам, мусаффо асалли анҳорлар ҳам бор. Улар учун унда барча мевалардан ва ўз Парвардигорларидан мағфират бор. (Улар) дўзахда абадий қолувчи ва ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиганларга ўхшашармиди?
Аллоҳ таоло ушуб ояти карима орқали Ўзидан қўрқадиган - тақволи бандалари учун охиратда тайёрлаб қўйган жаннатларининг таърифини мисоллар билан баён қилмоқда. Бу ерда оқиб турувчи анҳор-дарёларнинг суви мусаффо, тотли ва сира айнимайдиган бўлади. Уларнинг биридан таъми асло ўзгармайдиган сут оқиб турса, биридан сира маст қилмайдиган, ичувчилар учун роҳат ва лаззат бағишлайдиган май оқади, бошқа биридан эса тоза асал келиб туради. Яна жаннатда тақволи мўминлар дунё ҳаётида сира кўрмаган анвойи мева-чевалар ҳам бор. Улар жаннатда бу неъматлардан ҳам улуғ нарсага - Парвардигорларининг мағфиратига сазовор бўлишади.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумо шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларига: “Жаннатга кириш учун енг шимарувчилар борми? Чунки у таърифга муҳтож эмас. Каъбанинг Парвардигорига қасамки, жаннат чарақлаган нур, тебраниб турган райҳонлар, тикланган қасрлар, тўлиб оқувчи анҳорлар, пишиб етилган турли хил мевалар, гўзал ва келишган жуфтлар, софлиги ва тиниқлиги абадий бўлган кўплаб зеб-зийнатлар диёридир. У олий, ажойиб, тинч ва осойиштадир”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Жаннат учун енг шимарувчилар бизлармиз, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот алайҳиссалом: “Иншааллоҳ денглар”, дедилар” (Ибн Можа ривояти). Шу ўринда жаннатдан оқадиган май-шароб анҳорлари ҳақида бир оз изоҳ беришга тўғри келади. Охират дунёсида ҳам хамр-шароб бўлади, фақат у дунёдаги каби маст қилувчи, саломатликка катта зарар етказувчи, ичган одамни нохуш ҳолатга соладиган бўлмайди. Дунёда инсонларга ипак кийим, олтин-кумуш асбоблар ва хамр кабиларнинг ҳаром қилиниши булардан охиратда маҳрум бўлиб қолмасликлари учундир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким дунёда хамр ичса, сўнг тавба қилмаса, охиратда ундан маҳрум бўлади” (Молик ривояти). Жоҳилият даврида майхўрлик араблар учун энг кўп тарқалган, уларга ёқадиган ва ҳузурбахш иш ҳисобланган. Уларнинг каттасию кичиги, эркагию аёли ётса ҳам, турса ҳам майдан гапиришарди. Аллоҳтаоло майхўрликни ундаги зарарлар учун бу дунёда ҳаром қилди. У дунёда эса зарарсиз ҳолатда, ҳузурбахш қилиб, жаннатнинг неъматларидан бирига айлантирди. Сўнгра оятда жаннатдаги таърифга сиғмас неъматларга мушарраф бўлган мўминларнинг ҳоли билан азобга дучор бўлган кофирларнинг ҳоли солиштирилади. Мўминлар серсоя, сўлим жойларда роҳат-фароғатда бўлишса, кофирлар ловуллаган олов ичра мангу азоб тортади. Мўминларга жаннат анҳорларидан зилол сув. тоза сут, оромбахш май, мусаффо асал берилса, кофирларга ичакларини куйдириб, титиб ташлайдиган қайноқ сув берилади.
16. (Эй Муҳаммад), улардан шундайлари борки, сизга қулоқ солиб турадида, ҳузурингиздан чиққач эса илм берилганларга: «Ҳозиргина нима деди?» дейди. Ана ўшалар дилларини Аллоҳ муҳрлаб қўйган ва ҳавойи нафсларига эргашганлардир.
Юқоридаги ояти карималарда васф қилинганидек, инсонлар эътиқодда фақат мўминлар ва кофирларга бўлинишмайди, балки улардан бошқа яна мунофиқлар тоифаси ҳам бор. Шаръий исти-лоҳда ташидан мусулмонлигини эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмаган кимса «мунофиқ» дейилади. Қалбида имон шартларини тасдиқ қилмай, фақат тилидагина унга иқрор бўлган, одамлар кўзига мусулмон каби кўриниб, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кимса мунофиқ саналади. Мунофиқ кофирдан ҳам ёмондир. Шунингучун мунофиқ дўзахнинг қаърига (энг чуқур жойига) ташланади. Мунофиқлик мусулмонлар Мадинаи мунавварага кўчишганидан кейин ўша ерда пайдо бўлди. Маккада сабр-бардошли кишиларгина мусулмонликни маҳкам ушлаб қолиб, ҳамма уларга очиқ-ойдин душманлик қилиб турганда мунофиқлар йўқ эди. Мадинада эса аввал Авс ва Хазраж қабиласидан баъзи кишилар, аста-секин бошқалар ҳам мусулмон бўлиб, охири Ислом кирмаган хонадон қолмади. Шунда аслида Муҳаммад алайҳиссаломни, Исломни ёқтирмаса ҳам, лекин очиқ душманлик қилишга ботинмайдиган кимсалар юзаки равишда Исломга кирганларини эълон қилишдию аммо ичларида душманликларини сақлаб қолишди. Уларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул эди. Мунофиқлар пайт пойлаб туриб, мусулмонларга бирор ёмонлик қилишга уринишарди. Мадинаи мунавварада яҳудийларнинг ҳам борлиги мунофиқларга жуда ҳам қўл келарди. Қачон мусулмонлар бошига қийинчилик тушса, очиқчасига душманликка ўтиб, ҳаракатга тушиб қолишар, мусулмонларнинг ишлари юришиб кетса, ҳийла-найрангга ружу қилиб, типирчилаб қолишарди. Мунофиқларнинг кирдикорлари, уларнинг яҳудийлар билан тил бириктиришлари кўпгина маданий сураларда, жумладан, ушбу Муҳаммад сурасида ҳам фош қилинган. Аллоҳтаоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, уларнинг пинҳона ҳийлаларини фош этиб беряпти. Яъни, улар мусулмонларга қўшилиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг маж-лисларига киришар, ўзларини у зотнинг сўзларини диққат билан эшитаётгандек тутишарди. Мажлис тугаб, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларидан чиқишлари билан: “Ҳозиргина мажлисда Пайғамбар нима деди?” дея ўзларини у зотнинг сўзларига мутлақо эътибор бермагандай кўрсатишарди. Аллоҳ таоло бундай мунофиқ кимсаларнинг дилларини муҳрлаб қўйгани учун улар фақат ҳавойи нафсларининг сўзига кириб, охиратларини бой беришади.
17. У ҳидоят топганларнинг ҳидоятини зиёда қилади ва тақво ато этади.
Ҳидоят Аллоҳнинг бандаларига улкан марҳамати, лутфу иноятидир. Аллоҳга яқин бандаларгина ҳидоят билан шарафланишади, ҳидоятга эришиш учун ҳамиша ҳаракатда бўлишади. Бандаси тўғри йўлни топишга ҳаракат қилиб, ўзини ўзгартира бошлаши билан Аллоҳ азза ва жалла уни ҳидоят сари йўллайди, залолатдан қутулиш йўлларини кўрсатиб қўяди. Ана шунда Парвардигори унга ҳидоятини комил қилиб беради. У кимга ҳидоятни тўлиқ қилиб берган бўлса, уни тақво аҳлидан ҳам қилиб қўяди. Тақво, яъни Аллоҳдан қўрқиш банданинг камолот сари қўйган яна бир муҳим қадами бўлиб, ҳидоят ва тақво бирлашганда банда Аллоҳга яқинлашишда муҳим босқичга чиқади. Шу боис ҳам мунофиқлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлисларини ҳеч қандай билим ёки маърифатга эга бўлолмай тарк этишганида мўминлар билим ва ҳикматнинг муҳташам хазинасидан баҳра олиб, бундан келажак ҳаётларида самарали фойдаланадилар.
18. Улар энди қиёматнинг тўсатдан келишинигина кутишяпти. Дарвоқе, аломатлари ҳам келди. У келган пайтда эслашлари не фойда берарди?
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мажлисларига кириб, бирор манфаат олмай, ғофиллигича чиқиб кетаётган мунофиқлар учун энди қиёматнинг тўсатдан келишинигина кутишдан бошқа чора қолмаган. Қиёматнинг аломатлари эса кўриниб қолди, улар кутмаётган, унга тайёргарлик кўрмай, ғафлатда юрган бир пайтда у кутилмаганда келиб қолади. Қиёматнинг энг катта аломатларидан бири Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар этиб юборилишларидир. Чунки у зот алайҳиссалом пайғамбарларнинг охиргисидирлар, у зотдан кейин бошқа пайғамбар келмайди, фақат қиёмат келади. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мен пайғамбар қилиб юборилдим ва қиёмат бундай» деб, кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бир-бирига яқинлаштириб кўрсатдилар» (Бухорий ривояти). Ғофил кимсалар қандайдир бут-санамларга ёки ёлғон таълимотларга ишонишадию, аммо Саййиди олам Пайғамбаримизнинг нубувватларига ишонишмайди. Ана шу адашган кимсалар ўзлари сезмаган ҳолда жазолари бериладиган қиёматни кутишяпти, холос. Улар албатта жазоларини олишади.
19. Бас, (Эй Муҳаммад), Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини билинг ҳамда ўзингизнинг, мўминлар ва мўминаларнинг гу-ноҳлари учун мағфират сўра. Аллоҳ сизларнинг кезар жойларингизни ҳам, борар жойларингизни ҳам билади.
Яъни, эй Пайғамбарим, Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига имон келтиринг ва ўзингизнинг, мўминлар ва мўминаларнинг гуноҳлари учун Парвардигорингиздан мағфират сўранг. Аллоҳ таоло сизларнинг кезиб юрадиган жойларингизни ҳам, борадиган жойларингизни ҳам яхши билиб туради. Оятда Аллоҳтаоло нега Пайғамбарига ўз гунохдари учун ҳам, мўминларнинг гуноҳлари учун ҳам мағфират сўрашни буюрмоқда? Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳлардан маъсумдирлар (холидирлар). Лекин шундай бўлса ҳам, бу илоҳий амр у зотнинг умматлари учун таълимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум бўлсаларда, Аллоҳ таоло Қуръони каримда у зотнинг аввалгию кейинги гуноҳларини афв этганини эълон қилган бўлса ҳам у зот ҳамиша истиғфор айтар эдилар. Қолаверса, мўмин киши гуноҳини эътироф қилиб, доимо истиғфор айтиб юриши унинг имон йўлидаги курашида асосий қуролларидан биридир. Гуноҳларга мағфират сўраш маълум бир лафзларни, жумладан маъносига ҳам эътибор бермай «Астағфируллоҳ»ни қуруқ такрорлаш эмас, балки хатосини бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда унингучун имон ва эътиқод билан тавба қилишдир. Шунинг учун мўмин бандалар эртаю кеч, ҳамиша ва ҳар жойда Парвардигорларини Унга хос бўлмаган турли айбу нуқсонлардан поклаб тасбеҳ айтишлари мўминликнинг асл сифатларидандир. Мана шундай истиғфор айтиш имон эгалари учун ўта муҳим ва зарур бўлган вазифалардан биридир.
Аллоҳ таоло бу оятида бежизга Пайғамбарини ва мўминларни Ўзининг ваҳдониятини билишга буюрмаяпти. Аллоҳнинг ягоналигига имон келтириш мўминлик сари қўйилган биринчи ва энг муҳим қадамдир. Банда “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини тил билан айтиб, дил билан иқрор бўлганидан, ҳаётини ана шу калима асосида қургандан кейингина чин мўминга айланади.“Лаа илааҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ) калимасининг шундай беқиёс фазилатлари бор: 1. “Лаа илааҳа иллаллоҳ” - жаннатнинг калитидир; 2. У шундай калимаки, кимнинг ўлим олдидаги сўнгги сўзи шу бўлса, яъни инсон вафоти олдидан қалбида ва эътиқодида ушбу калима бўлса, гуноҳлари қанча бўлишига қарамай, жаҳаннамда абадул-абад қолишдан қутулади; 3. У шундай калимаки, Ислом динига кирмоқчи бўлган одам уни айтиши шартдир; 4. Исломни қабул қилиб, илк бор шу калимани айтган одам: «Танамга, вужудимга ажойиб бир нарса кирди. Гўё энди яратилаётган-декман, олдингидан мутлақо бошқа инсонга айландим...», дейди. Ҳа, бундай одам бузилиб кетган фитратидан ўзининг дастлабки, илк яратилган пайтидаги бутун вужуди узоқ муддат ташна бўлган соф фитратига қайтади. Икки шаҳодат калимасини талаффуз қилгач, йўқотган нарсасини топганини ҳис қила бошлайди; 5. «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» - тавҳид ва Ислом ақидасининг бутун маъносини ўзида мужассам қилган калимадир; 6. У шундай калимаки, қабрдаги икки фаришта уни маййитга берган саволларига жавоб сифатида қабул қилишади; 7. У зикрларнинг энг афзали, савоби энг буюгидир, у туфайли ҳасанотлар ёзилади, ёмонликлар ўчирилади. У шайтондан ҳимоя бўлади. Наботот сув билан униб-ўсганидек, иймон у билан ўсади. Уни такрор-такрор айтиш, маъно-моҳияти устида чуқур фикр юритиш мустаҳабдир; 8. “Лаа илааҳа иллаллоҳ” - уйқусидан уйғонган одам айтадиган калимадир... Ўлим талвасасидаги одамга талқин қилинадиган сўздир... Бозорларга кирганда ўқиладиган дуодир... Бомдод ва шомдан кейин айтиладиган зикрдир; 9. “Лаа илааҳа иллаллоҳ” - қиёмат куни ўз соҳибининг тарозисига тош босадиган, бошқа амаллардан оғир келадиган калимадир. Бизни «Лаа илааҳа иллаллоҳ» аҳлидан қилган, уни тилларимизда жорий қилган, қалбларимизга сингдирган Аллоҳ таолога ҳамдлар айтамиз. Аллоҳ таолодан барча одамларни Ўзининг розилигига эришишлари учун ушбу калимага йўллашини сўраймиз. Ва яна Аллоҳ таолодан бизни ушбу калима билан ҳаёт кечиртиришни, ушбу калима ила вафот эттиришни ва У Зотнинг розилиги башорат берилган ҳолимизда ушбу калима ила қайта тирилтиришни ёлвориб сўраймиз.
20. Имон келтирганлар: «Бирон сура нозил қилинса эди», дейишади. Қачон қатъий бир сура нозил қилиниб, унда жанг зикр қилинса, қалбида хасталиги борларнинг сизга худди жони чиқаётганнинг қарашидек боқишаётганини кўрасиз. Уларга яхшироқдир;
Тўғри йўлдаги, қалбида имони бўлган инсонларни Аллоҳ таоло имон йўлидаги жангга чорласа, улар ҳеч иккиланмай, ҳатто жонларини хатарга қўйиб ҳам Аллоҳнинг даъватига “лаббай” деб жавоб беришади. Мўмин-мусулмонлар оятда зикр қилинганидай, бирор сура нозил қилинишини исташяпти. Агар шундай муҳкам (қатъий) сура нозил қилинса, улар уни хурсандлик билан кутиб олиб, унга амал қилишни бошлашлари аниқдир. Бу билан улар ўзларининг имонда содиқликларини исбот қиладилар. Аммо шундай пайтда мунофиқларнинг ҳақиқий башаралари намоён бўлади, уларнинг ички дунёсини яшириб турган риё пардалари йиртилади. Дилида хасталиги, яъни нифоқи бор мунофиқлар Аллоҳ йўлидаги жангга чорланса, Аллоҳнинг Пайғамбарига худди жони чиқаётган, ўлим талвасасидаги одамники каби кўзини чақчайтириб, гўлайиб қарашади. Дунёга муҳаббат қўйган бундай кимсалар у билан шунчалик ўралашиб қолишадики, ҳатто уларга Аллоҳга имон келтириш ва Унинг Пайғамбари билан бирга душманга қарши жангга чиқиш таклифи айтилганда дарров бундан қочиш учун турли баҳоналар излашга тушади. Дунёни яхши кўришлари туфайли улар ором-фароғатлари бузилишини исташмайди, “Бизларни қўяқолинглар, ях-шиси уйда қолақолайлик” деб, улуғ бир жангдан бўйин товлашади. Бундай мунофиқ кимсаларнинг ҳоли шу: мўмин киши имони йўли-да ҳар нарсага тайёр турса, мунофиқ кимса ўз роҳати ва манфаатини имондан ҳам устун қўяди. Ислом ҳаракат, жидду жаҳд динидир, у дангасаликка, танбалликка, фаолиятсизликка бутунлай қарши диндир. Шунинг учун Ислом таълимотида, ибодатларида ҳаракат, саъй-кўшиш алоҳида эътиборда туради. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани жидду жаҳд, саъй-ҳаракат қилганга беради. Ҳатто имонли бўлиш учун ҳам ҳаракат қилиш керак. Ақлини, фикрини ишга солиб, ҳидоят йўлини ахтариб, ҳаракат қилмаган одамнинг имон йўлига кириши амри маҳол. Шунингдек, Аллоҳ ризқ-рўзни ҳам ҳаракат қилганга беради. Аллоҳ таоло мўмин бандалари уруш қилишмаса ҳам уларга нусрат беришга қодирдир.
Аммо У Зот бандаларига шу йўл билан ҳам савоб касб қилиш, мартабаларини орттириш имконини очиб беради.
21. итоат ва маъруф сўз. Энди қачон иш муқаррар бўлганида Аллоҳга содиқ қолишганда ўзларига яхши бўлар эди.
Имони собит бўлмаган мунофиқлар учун аслида Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат қилишса, Аллоҳнинг йўлида курашишга тайёрлигини изҳор этишда яхши (маъруф) сўзни айтишса, ўзларига фойда бўларди. Иш муқаррар бўлганида, яъни Аллоҳ йўлида жанг қилиш аниқ бўлиб қолганида улар Парвардигорларига ва Унинг Пайғамбарига садоқат кўрсатишса, Унинг амрига итоат қилишса, жангга чиқишса, ўзларига яхши бўларди. Чунки Аллоҳ таоло Ўз йўлида жангга отланувчиларга охиратда улкан мукофотларни ва Ўз розилигини ваъда қилган.
22. Агар юз ўгирсанглар, аниқки, Ер юзида бузғунчилик қилиб, қариндошликни узасизлар.
Аллоҳтаоло ушбу ояти орқали мунофиқларга хитоб қилиб, уларнинг имондан юз ўгиришлари, жоҳилиятга қайтишлари орқали бу дунёда бошларига муқаррар келадиган зарарларни эслатмоқда.
Уларнинг бу қилмишлари аввало Ер юзида бузғунчилик қилиш ҳисобланади. Чунки имонсиз кишиларнинг қўлидан ҳамиша бузғунчилик, фисқ-фасод ишлар келади. Иккинчидан улар бу қилмишлари билан қариндошларидан силаи раҳмни, қариндошчилик ришталарини узган бўлишади. Чунки имонсиз, мунофиқ одамлардан барча ёмонликларни кутиш мумкин.
23. Бундайларни Аллоҳ лаънатлади, уларни “кар” ва кўзларини “кўр” қилди.
Мунофиқларга бериладиган жазолар уларнинг бузғунчиликка кириб кетишлари ёки қариндошчиликни узишлари билан чекланмайди. Бундайларни Аллоҳ лаънатлайди. Унинг лаънатлаши Ўзини фазлу марҳаматидан, раҳматидан бенасиб қилишидир, Аллоҳнинг раҳматидан узилган банда эса икки дунёда ҳам рўшнолик кўрмайди. Аллоҳнинг лаънатлаши уларни залолатда-адашувда қолдиришидир, оқибатда улар илоҳий ваҳийларни қабул қилиш ва англаш бахтидан мосуво қолишади. Бу бахтдан бенасиблар эса Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари амрларини эшитишга қодир бўлмаган “кар”, илоҳий мўъжизаларни ва аломатларни кўрмайдиган даражада “кўр” ҳолатига тушиб қолишади. Улар Пайғамбар келтирган ҳақни ёлғонга чиқарганлари сабабли Аллоҳ таоло уларни ҳидоятдан тўсиб қўйган. Шунинг учун бундайларга сўз ҳам таъсир қилмайди, уларнинг қалблари қорайганидан Ҳақни ҳам танишмайди, қулоқлари уни эшитмайди, кўзлари эса ҳидоят йўлини кўрмайди. Уларга жаҳаннамда аламли азоб-қийноқлар тайёрлаб қўйилган.
24. Ахир, улар Куръон ҳақида фикр юритмайдиларми? Ёки дилларида “қулфлар” борми?
Дилида мунофиқлик хасталиги бўлган кимсалар Қуръони каримни тадаббур қилиб, мағзини чақиб кўришмайдими? Илоҳий Каломни эътибор ва эҳтимом билан ўқиб, маънолари ҳақида мулоҳаза қилиб кўришмайдими? “Тадаббур” сўзи луғатда «мағзини англаш» деган маънони билдиради. Истилоҳда Куръони каримни қироат қилишда унинг оятлари маъносини англаш, илғаш, тушуниш, у ҳақда тафаккур қилиш, қалб таскин-ором олиши учун англанганларга амал қилиш умумий номда «тадаббур» дейилади. Тадаббурсиз қироат қироат саналмайди. Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқиш вожибдир. Аллоҳнинг Каломини тадаббур қилиб ўқимайдиганларнинг дилларига қулф солиб қўйилгани каби ҳидоятни, илоҳий нурни қабул қилмайдиган бўлиб, беркилиб қолади. Мунофиқларнинг қалбига ҳам ана шундай қулф урилган, уларнинг онги ва жисмига имон нури ҳам, Қуръон нури ҳам кириб бормайди.
25. Ҳақиқатан ўзларига ҳидоят равшан бўлганидан сўнг яна ортларига қайтганларни шайтон уларга зийнатлаб кўрсатди ва уларни йўллади.
Оятдаги «ортларига қайтганлар» ибораси мунофиқларни англатади. Ҳақиқатан, мунофиқлар олдинлари ҳидоят ва имон нима эканини аниқ кўришган, мўминликка яқинликни даъво қилишган эди. Лекин улар дунёга маҳлиё бўлганларидан имондан ортга қайтиб, мунофиқликни афзал кўришди. Қимматли охират бойлигини дунёнинг арзимас матоҳига алмаштириб юборишди. Шайтон ва ҳавойи нафслари уларнинг имондан юз ўгиришларига, залолатга кетишларига сабаб бўлди. Булар ёмонликни - имондан қайтишни мунофиқларга чиройли қилиб кўрсатди. Шу тариқаулар имонларини бой бериб, икки дунёнинг саодатидан баравар ажраб қолишди.
26. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани ёқтирмаганларга: «Сизларга баъзи ишларда итоат қиламиз», деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг яширганларини билади.
Мунофиқлар ҳамиша кофирларни яхши кўришади, ўзларини улар томонидамиз деб ишонтиришади. Зоҳирда мусулмонлар билан биргадек кўринишса ҳам, амалда Аллоҳ нозил қилган ваҳийларни ёқтирмаганларга қўшилиб олишганди. Уларга ҳамиша бирга бўлиш ваъдасини беришади. Оятдаги «Аллоҳ нозил қилган нарсани ёқтирмаганлар»дан мурод яҳудийлардир. Мадинаи мунавварада Аллоҳ нозил қилган Қуръонни, Исломни биринчи бўлиб ёмон кўрганлар яҳудийлар эди. Чунки улар ўшангача охирги пайғамбар фақат яҳудийлардан чиқади, деган эътиқодда юришарди. Мадинадаги арабларига: «Қараб туринглар, яқинда охирзамон пайғамбари чиқади, унинг сифатлари бундай-бундай, ўшанда биз унга имон келтириб, унинг раҳбарлигида сизларни тор-мор қиламиз», дейишарди. Вақти келиб, улар сифатлаб юрган пайғамбар чиққанида эса араблар унга имон келтиришди, аммо яҳудийлар охирзамон Пайғамбарини инкор қилишди. Аллоҳ таоло бундай иккиюзламачи, имонсиз кимсаларнинг барча ҳийла ва сирларини яхши билиб туради ва уларни дунёю охиратда аламли азоблар билан жазолайди.
27. Фаришталар юзларига ва орқаларига уриб, жонларини олаётганида қандай бўларкин?
Фаришталар мунофиқларнинг “юзлари ва орк,алари”та уришлари бежизга эмас: юз инсоннинг одамларга рўпара бўладиган тана қисми, орқаси эса бошқалар нигоҳидан панада қоладиган қисми. Мунофиқларнинг ана шу икки томонига урилишига сабаб, уларни ҳар томонлама фош этиб, хўрлаш учундир. Бу жазо уларнинг вафот этаётган пайти билан қайта тирилиши орасида берилади, демак, улар қабрга кирганларидан бошлаб то қиёматгача ана шундай жазони тортишга мубтало бўлишади. Фаришталарнинг кофирларнинг жонларини олишдаги бу хорлашлари, фожир ва кофирларнинг ўлим олдидаги даҳшатли ҳолатлари уларнинг дунёдаги қилмишлари учун муносиб жазодир. Азоб фаришталари уларнинг юзлари ва орқаларига уриб, “Дунё ҳаётида Аллоҳнинг амрларини инкор қилиб юрган эдинглар, мана энди жон чиқар пайти келди, дўзахда ёнишнинг нечоғли қаттиқ азоб эканига энди ўзинглар гувоҳ бўласизлар”, дейишади.
28. Бу, уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага эргашганлари ва Унинг розилигини ёқтирмаганлари учундир. У шунда амалларини бехуда қилди.
Мунофиқларга берилаётган ва бериладиган жазолар бежизга эмас. Улар Аллоҳга хуш келмайдиган имонсизлик, Исломга ва мусулмонларга душманлик, иккиюзламачилик, Ер юзида фасод ва бузғунчиликлар тарқатиш каби гуноҳ ишларга эргашишган, буларга муккаларидан кетишган. Улар Парвардигорлари розилигини мутлақо исташмайди, ҳатто буни ёқтиришмайди ҳам. Уларнинг бирор-та иш-амали Парвардигорнинг розилиги йўлида қилинмаган эди. Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла мунофиқларнинг Аллоҳ розилиги учун эмас, ўз нафслари ва лаънати шайтонни рози қилиш учун қилган барча амалларини ҳабата-бекор қилди, уларга охиратда яхшилик ва савобдан ҳеч бир насиба йўқдир.
29. Дилларида хасталик борлар Аллоҳ уларнинг адоватларини ошкор қилмайди, деб ўйлашадими?
Дилида мунофиқлик хасталиги бўлганлар ўзларича: Аллоҳ таоло дилларимиздаги мусулмонларга қарши адоватларимизни ошкор қилмайди, деб, хотиржам юришмасин. Аллоҳ таоло уларнинг барча кирдикорларини яхши билади вауларнингташида мусулмон кўриниб, ичида Аллоҳнинг динига нисбатан қандай душманлик қилишларинию, мусулмонларга қарши қанақанги фитналар ўйлаб топишаётганларини фош этади. Аллоҳ уларнинг бу расволикларини албатта очиб ташлайди ва ўзларини икки дунёда ҳам хорлик қаърига отади.
30. (Эй Муҳаммад), агар хоҳласак, уларни сизга кўрсатиб қўярдик, у ҳолда уларни аломатларидан таниб олар эдингиз. Албатта, сиз уларни сўз оҳангларидан ҳам танийсиз. Аллоҳ амалларингизни билиб туради.
Яъни, Парвардигорингиз хоҳлаганида мунофиқларнинг ҳаммаларини номма-ном санаб, шахсларини ойдинлаштириб берган бўларди. Аммо УЎзи билган илоҳий ҳикматга кўра бундай қилмади. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, мунофиқлар ўз нифоқларини қанчалар усталик билан яширишга, ўзларини ҳақиқий мусулмон қилиб кўрсатишга уринишмасин, уларнинг асл башараларини Пайғамбарига кўрсатиб қўйишини билдирмоқда. Ҳадиси шарифда шундай келган: «Ким бирор сирни яширса, Аллоҳ таоло унга ўшанинг тўнини кийгизиб қўяди: яхшилик бўлса, яхшилик тўнини, ёмонлик бўлса, ёмонлик тўнини кийгизади». Уқба ибн Амрдан ривоят қилган ҳадисда эса бундай дейилган: «Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг: «Албатта, орангизда мунофиқлар бор, кимнинг исмини айтсам, ўрнидан турсин, дедилар. Кейин: “Эй Фалончи, тур, эй Фалончи, тур, эй Фалончи, тур”, деб ўттиз олти кишининг исмини айтдилар. Кейин: “Сизларнинг ичингизда мунофиқлар бор, Аллоҳдан қўрқинглар, дедилар» (Аҳмад ривояти). Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: «Ким бирор сирни яширса, Аллоҳ таоло унинг белгиларини юзига ёки тилига чиқариб қўяди», деганлар. Мунофиқлар ўз кирдикорларини, иккиюзламачиликларини қанчаликяширишга уринсалар ҳам, ўзларини Ислом учун фидокор қилиб кўрсатсалар ҳам барибир, қалбларида касаллик борлиги учун нифоқлари ошкор бўлиб қолаверади. Улар мусулмонларни бир алдашади, икки алда-шади, лекин барибир, сирлари фош бўлиб, кирдикорлари очилиб қолади. Ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ таоло уларнинг қилмишларини ҳам, ниятларини ҳам билиб тургани учун мусулмонларга мунофиқларнинг ичинию ташини ҳам фош этиб қўяди.
31. Дарҳақиқат, сизларни синаймиз, токи сизлардан мужоҳидларни ва сабр қилувчиларни билсак ҳамда хабарларингизни имтиҳон қилсак.
Бандалар ҳамиша, ҳар бир ишда Аллоҳнинг синовидан омонда эмаслар. Улар орасидан жиҳод қилувчиларни, бошга мусибат келганида унга сабр-тоқат қилувчиларни ва одамларнинг маълум вазиятлардаги ҳолини синаш учун имтиҳон қилиб туради. Бу синовлар Аллоҳ таолонинг Ўзи учун эмас, балки бандалар учундир. Чунки Аллоҳ азза ва жалла ҳамма нарсани: одамларнинг кимлигини ҳам, яширин сирларинию ошкорини ҳам, имкониятию хоҳишини ҳам барча-барчасини яхши билади. Аммо одамлар бу нарсани англашмайди, гоҳо ўзларининг ҳолатларини ҳам билишолмайди. Ана шу яширин ҳолатларни, беркитилган ҳақиқатларни билиш учун эса синов керак. Аллоҳ таоло бандалари орасидаги охиратга имони борларни имони йўқлардан ажратиш ҳамда охиратга шак-шубҳа билан қарайдиганларни алоҳида кўрсатиш учун бандаларини турли усуллар билан ҳам имтиҳон қилади. Бундан Аллоҳ бандаларининг имонини ва охиратга ишончини билмайдими, деган хаёлга бормаслик керак. Аллоҳ таоло ҳар бир бандасининг кимлигию қандайлигини азалдан яхши билади, шунингучун уларнинг қалби ва хаёлидан кечаётган ҳамма нарсадан яхши хабардор. Аллоҳ таолодан борлиқдаги ҳеч бир нарса махфий қолмайди. Аллоҳ азза ва жалла фақат Ўзи биладиган ҳикматга кўра инсонларни турли воситалар ёрдамида синайди. Албатта, Аллоҳнинг синови кўп нарсаларни ошкор қилади, одамларнинг сифатларини аниқлашда ёрдам беради. Синов бўлмай, ҳамма иш равон кетаверса, одамлар бир-бирларининг ҳақиқатини била олишмайди. Бир кишининг ҳақиқий мўминлиги, бошқасининг мунофиқлиги ҳам аён бўлмай қолади. Аксинча, синов йўқ пайтида мунофиқлар олдинги сафга чиқиб, ўзларини фидокор қилиб кўрсатадилар. Оятнинг давомида худди шу маънога ишора қилинмоқда. Ўтган салафлардан бирлари ушбу оятни ўқиганларида йиғлаб: «Аллоҳим, бизни синовга олмагин, агар синовга олсанг, шарманда қиласан, пардамизни йиртиб, бизни азобга қўясан», дер эканлар.
32. Албатта, куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганлар ҳамда ҳидоят аниқ бўлганидан сўнг яна Пайғамбарга қарши чиққанлар Аллоҳга бирор зарар етказа олишмайди. У уларнинг ишларини беҳуда кетказади.
Мунофиқларнинг бу тариқа муомалаларидан фақат ўзларига зарар бўлади. Бундан Аллоҳга ҳам, Унинг Пайғамбарига ҳам ҳеч бир нуқсон ёки зиён етмайди. Балки Аллоҳ азза ва жалла уларнинг барча ҳийла ва тадбирларини бир лаҳзада барбод қилиб юборади. Ислом тарихидаги илк ғазот бўлмиш Бадрда нега кўп сонли, яхши қуролланган ва таъминланган мушриклар оз сонли, улов-аслаҳалари кам бўлган мусулмонлардан енгилишди? Бунинг сабаби, мусулмонлар Аллоҳ йўлида, Унинг Расули даъватига биноан жанг қилишди. Макка мушриклари эса, Аллоҳга, Унинг Расулига қарши чиқишди, Аллоҳнинг охирги Пайғамбар орқали юборган янги динига тўғаноқ-тўсиқ бўлиш учун урушга киришди. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши чиқса, У юборган ҳақ динни тўхтатиб қўймоқчи бўлса, у Аллоҳнинг муқаррар жазосига учрайди. Дунё ҳаётида уни мағлуб қилиб, хор-зорликка маҳкум этса, охиратда мангу азоб жойи бўлган дўзахига ташлаб жазолайди.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолога қарши бўлганларнинг уч тоифаси зикр қилинмоқда: булар Аллоҳ ва Унинг Расулига куфр келтирганлар; бошқаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсганлар; ҳидоят аниқ бўлганидан кейин охирзамон Пайғамбарига қарши чиққанлар. Ана шу уч тоифа кучларини бирлаштириб, ҳатто бошқалар ёрдамидан фойдаланиб ҳам Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига бирор зарар етказа олишмайди, Аллоҳнинг динини тўсишга эриша олишмайди. Ана шу тоифалар турли хил воситалар ёрдамида Аллоҳнинг динига қарши чиқишга ҳозиргача уриниб келишди ва ҳозирда ҳам бу ниятларидан қайтишмади. Улар куч ишлатиб, ҳукм воситасида ёки мол-дунё сарфлаб, ҳийла-найранг ишлатиб ёки мусулмонларга ҳийла ва фитна қўллаб Аллоҳнинг динига қаршилик қилмоқчи бўлишади. Аммо уларнинг кўплашиб қилган бу ҳаракатларидан ҳеч қандай натижа чиқмади: дин душманларининг қанчаси Ер юзидан ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетди, қолганларининг қиличлари синди ва ёвузликлари амалга ошмади. Аллоҳ таолонинг дини ана шундай қаттиқ қаршиликка қарамай, Ер юзида ғолибона юришини давом эттирмоқда. Бутун тарих давомида шундай бўлиб келяпти. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлик даврларида ҳам у зотнинг ўзларига, динларига, Қуръонларига, саҳобаларига хилоф чиққанлар ҳам, тутган йўлларига қарши уруш эълон қилганлар ҳам етарлича кўп бўлган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг эса у кишининг динларига, шариатларига, суннатларига зид чиққанлар, даъватларига, умматларига қарши чиққанлар ҳозиргача курашиб келмоқда. Ўтган ўн беш асрдан буён улар Аллоҳнинг динига ва Пайғамбарига қарши курашиб, нимага эришишди?! Бу курашнинг оқибати Аллоҳ таоло ваъда берганидек бўлди, улар илоҳий динга асло зарар келтира олишмади, йўлини тўсиб қолишолмади. Қайтанга Аллоҳ таоло уларнинг барча қилмишларини йўққа чиқарди, амалларини бекор қилди, ўзларига эса охиратда аламли азобларини тайёрлаб қўйди.
33. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинглар, Пайғамбарга итоат этинглар ва амалларингизни йўққа чиқарманглар!
Аллоҳтаоло Ўзига имон келтирган мўмин бандаларига хитоб қилиб айтяптики, сизларни йўқдан бор қилиб яратган, беҳисоб ризқ берган, келтирган имонингиз, қилган солиҳ амалларингиз эвазига икки дунё саодатини ваъда қилган Парвардигорингизга итоат этинглар! Кейин сизларга ҳидоят йўлини кўрсатиб берган, қиёматда шафоатчилик қиладиган Аллоҳнинг севимли Расули Муҳаммад алайҳиссаломга итоат этинглар! Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатсизлик кўрсатиб, амалларингизни ботил қилиб, йўққа чиқарманглар! Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этиш икки дунё саодатига сабаб бўлувчи асосий омилдир. Бежизга бу оятда амалларни ботил қилмасликка даъват қилинмаётир. Чунки тавҳид калимасини айтишнинг ўзи комил имонга далолат қилмайди, яна Пайғамбар алайҳиссаломнинг чақириқларига биноан мўмин киши тоат-ибодатларни ва солиҳ амалларни ҳам қилиши керак. Ривоятларда ке-лишича, Исломнинг илк даврларида «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтса бас, нима қилса ҳам бўлаверади, бунинг зарари бўлмайди», дейдиганлар ҳам бўлган экан.
Имом Аҳмад Ибн Наср Марвазийдан қилган ривоятда Абул Олия шундай деган: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари «Лаа илааҳа иллаллоҳ» бўлса, гуноҳнинг зарари йўқ, деб билишарди. Худди ширк бўлса, қилган амалдан фойда бўлмагандек. «...амалларингизни йўққа чикррманглар» ояти нозил бўлгандан сўнг гуноҳлар савоб амалларни ботил қилишидан қўрқадиган бўлиб қолишди». ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: «Биз, Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари қилинган яхши амалларнинг ичида қабул бўлмайдигани йўқ, деб юрар эдик. «...амалларингизни йўкҳа чикррманглар» ояти нозил бўлганидан кейин амалларни ботил қиладиган нарса нима экан, деб ўйланиб қолдик. Сўнгра катта гуноҳлар ва фаҳш ишлар, деган мулоҳазага бордик» (Абдуллоҳ ибн Муборак ривояти). Шу маънода саҳобалар ва тобеъинлардан турли ривоятлар келтирилган. Масалан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганлар: «Амалларни риё ва хўжакўрсин ёки шак ва нифоқлар ботил қилади». Қатода розияллоҳу анҳу эса: «Сиздан ким яхши амалини ёмонлик билан ботил қилмасликка қодир бўлса, шуни қилсин», деган. Ҳанафий мазҳаби уламолари ушбу оятдан «Ким ўз ихтиёри билан бирор ибодатни бошласа, уни бузмай, охирига етказиши вожиб» деган ҳукмни чиқаришган. Масалан, биров ўз ихтиёри билан икки ракат намоз ўқишни бошлади, демак, уни охиригача етказиши вожиб бўлади. Агар бирор сабаб билан ана шу намоз бузилса, унинг қазосини ўқиш ҳам вожиб бўлади. Худди шунингдек, биров нафл рўза тутишни ўз ихтиёри ила бошласа, охирига етказиши вожиб бўлади. Мабодо ўша куни бирор сабаб бўлиб, рўзани очиб юборса, қазосини тутиши вожибга айланади.
34. Албатта, куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсган, сўнгра кофир ҳолида ўлганларни Аллоҳ асло мағфират қилмайди.
Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳи ҳатто денгиз кўпигича кўп бўлса ҳам Ўзининг меҳрибонлиги ва лутфи билан албатта мағфират қилади. Аммо Аллоҳга куфр келтирган, одамларни Аллоҳнинг йўлидан ва динидан тўсган ва шу ҳолича кофирликда ўлиб кетганларнинг гуноҳини асло мағфират қилмайди, кечирмайди. Шунингучун гуноҳкор бандалар тазарруни жон халқумга келгунича қолдирмай, Аллоҳга тавба қилиб, Унинг мағфиратига эришиб олишлари зарур.
35. (Эй мўминлар), бўш келманглар ва ўзингиз устун бўлатуриб, сулҳга чақирманглар. Аллоҳ сизлар биландир ва амалларингизни сира камайтирмайди.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларига хитоб қиляптики, Парвардигорингизнинг дини равнақ топиши йўлидаги курашингиз осон кечмайди, бунда турли дин душманларининг тазйиқ ва озорларига учрашингиз аниқ. Бу Аллоҳнинг мўминларга бир имтиҳонидир. Шунинг учун диннинг устун бўлиши йўлида хизмат қилувчи мўминлар ҳеч қачон бўш келмасликлари, душман устидан қўллари баланд келиб турганида улар билан сулҳ тузишга шошмасликлари керак. Зотан, бу Аллоҳ таолонинг амридир. Мўминлар қийинчилик ёки мусибатлар, душманнинг ғолиб келиши ёки залолат қаршисида тушкунликка тушмасликлари, бўшашмасликлари, Аллоҳнинг синовлари олдида саросимага тушиб, умидсиз бўлмасликлари, ғамга ботмасликлари лозим. Чунки инсон учун бу бало-мусибатларни енгишда имон энг катта ёрдамчидир. Ақида ўлароқ Исломни ихтиёр этсагу, мусулмонлик, мўминлик даъвосида бўлсагу аммо динимизга, эътиқодимизга ёт нарсалардан халос бўла олмасак, бу катта фожиадир. Аллоҳ азза ва жалла мўмин бандаларининг амаллари савобини асло камайтирмайди. Унинг ҳар бир қилган катта-кичик амали беҳуда кетмайди. Ажр-савоби, фойдаси албатта берилади. Шундай экан, бўшашиш, сусткашлик қилиш ва умидсизликка тушиш мўмин инсонларга ярашмайди.
36. Албатта, дунё ҳаёти ўйин-кулги ва кўнгилхушлик, холос. Агар имон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, У мукофотларингизни беради ва сизлардан мол-дунёларингизни сўрамайди.
Яъни, охират муқобилида дунё бир ўйингоҳ ва томошахона кабидирки, агар инсон имон ва тақвони ихтиёр этадиган бўлса, унга охиратда савоблари мукаммал қилиб берилади. Бунинг учун улардан мол-дунё каби нарсалар талаб қилинмайди ҳам. Айрим мусулмонлар дунёдаги қисқагина ҳаётларининг вақтинчалик ўйин-кулги, дилхушлик билан ўтиб кетадиган қисқа бир фурсат эканини яхши англашмайди. Дин душманлари уларнинг бу нодонлигидан усталик билан фойдаланиб, уларни кўпроқ шайтоний ишларга жалб қилиш, Аллоҳнинг амр-фармонларини бажаришдан четга тортиш пайидан бўлишади. Чунки мусулмонларни фақат илм-маърифатдан, тараққиётдан четда тутибгина, уларнинг ахлоқини ва аслиятини бузибгина мағлуб қилиш мумкинлиги дин душманларига аён бўлиб қолган эди. Улар Аллоҳнинг итоатидан чекиниб, фисқ йўлига тушган кимсаларнигина ўзларига қарам қилиш, бўйсундириш осон бўлишини англаб етишган эди. Мусулмонларни дунёвий фанларни ўқитишдан маҳрум этиш, яъни дунё илми билан охират илми ўртасига девор-тўсиқ қўйиш ва хурофотларга кўмиб ташлаш билангина енгиш мумкинлигини тушуниб қолишди. Дунё ҳаётида мусулмон кишини чалғитиш, йўлдан уришнинг минг бир хил йўллари бор. Бир ёқда шайтон васвасаси авжга чиқади: у ҳақ йўлдан оздирувчи, гуноҳ ишлар, қабиҳлик ва ифлосликларни инсон кўзига жозибали кўрсатади. Ана шу қабиҳ ва гуноҳ ишлар унга ғоят чиройли кўринади. Натижада инсон қандай қилиб ана шу разолат домига кириб кетганини ўзи ҳам билолмай қолади. Аммо Аллоҳдан қўрқувчи, Унинг амр-фармонларини бажарувчи кишилар дунё ҳаётининг бу алдовларига учишмайди, ҳаётларини бефойда, гуноҳ ишларга, шайтон ва нафсларининг васвасаларига сарфлаб юборишмайди. Улар ҳаётларини Аллоҳга бандалик қилиш, Унинг ибодатида, итоатида қоим туриш, ҳамиша Парвардигорнинг зикрини қилиш каби солиҳ амаллар билан безашади ва охиратда Аллоҳнинг улуғ ажр-мукофотларига сазовор бўлишади. Энг асосийси, У Зотнинг розилигини топишади, жамолига мушарраф бўлишади, иншааллоҳ!
37. Агар сизлардан сўраб қийнайдиган бўлса, бахиллик қиласизлар ва У сизларнинг гиналарингизни фош қилади.
Агар Аллоҳ таоло Ўзи берган барча мол-давлатларини сизлардан талаб қилгудай бўлса, талабида қаттиқ туриб олса, бу ҳолда қайси мард чиқиб, хурсандчилик билан бу ҳукмни адо эта оларкин? Одамларнинг аксарияти Аллоҳ берган мол-дунёни У Зот белгилаган ўринларга сарфлашни истамайди, фақир ва муҳтожларга берадиган бўлса ҳам мажбурликдан, рози бўлмай, истар-истамас беради. Уларнинг бу иккиланишлари юзларидан ҳам маълум бўлиб туради.
Хайру саховат, ўзига раво кўрган яхшиликни бошқа мўминларга ҳам раво кўриш мусулмонга хос фазилатлардандир. Аллоҳ азза ва жалла бандаларига бундай деб буюрган: “Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон ҳил!” (Қасас, 77). Аммо кўп инсонлар ўзларига келган неъматларнинг Аллоҳ таолонинг бир атоси эканини, буларда бошқаларнинг ҳам улуши борлигини, эҳсон, саховат билан Парвардигор розилигини топиш мумкинлигини унутиб қўядилар ёки бунга эътибор қилмайдилар. Шу боис, улар қўлларидаги мол-дунёни қизғаниб, бошқалар билан баҳам кўришда бахиллик қилишади, ҳеч кимга бермай, тўплаб-босиб ётишади. Ана шу бахиллик қилган нарсалари эса қиёмат куни бўйинларига илон каби ўралади. Эл бошига иш тушганда ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва Унинг Расулига чексиз итоат кўрсатиб, ширин жонларини ва топган молларини қурбон қилишдан қочишмайди. Мунофиқлар эса жонларини асраш пайига тушиб, турли баҳоналарни рўкач қилишади ва хиёнатларини билдириб қўйишади. Улар жонлари у ёқда турсин, ҳатто молларини Аллоҳ йўлида сарфлаш-га бахиллик қилишади. Ўша ҳақ йўлда бермаган моллари қиёматда бўйинларига азоб занжири бўлиб ўралишини билишса эди?!
38. Мана, сизлар Аллоҳ йўлида эҳсон қилишга чақирилмоқдасиз. Ораларингизда бахиллик қиладиганлар ҳам бор. Ким бахиллик қилса, албатта ўз зарарига бахиллик қилади. Ҳолбуки, Аллоҳ беҳожат, сизлар муҳтожсизлар. Агар сизлар юз ўгириб кетсангиз, ўрнингизга сизлардан бошқа қавмни келтириб қўяди, улар эса сизларга ўхшаган бўлишмайди.
Яъни, агар сизлар бахиллик қилсанглар ва илоҳий ҳукмдан юз ўгирсанглар, у ҳолда Аллоҳ таоло сизларни кетказиб, ўрнингизга бошқа бир қавмни келтиради. Улар ниҳоятда хурсандчилик билан Парвардигорларининг амр-фармонлари бажаришади, сизлар каби зиқна-бахил бўлишмайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «...агар сизлар юз ўгириб кетсангиз, ўрнингизга сизлардан бошқа қавмни келтириб қўяди, улар эса сизларга ўхшаган бўлишмайди» деган оятни ўқиган эдилар, саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз юз ўгирсак, ўрнимизга келадиган, бизга ўхшамайдиганлар кимлар?” деб сўрашди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг елкаларига уриб: “Мана бу ва унинг қавми”, дедилар» (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Уламолар айтишади: “Агар Ажамдан чиқадиган беҳисоб имомлар ва уламолар зикр қилинмаганда ҳам биргина Имом Аъзамнинг муборак шахслари Пайғамбаримизнинг ана шу башоратларига муносиброқдир”. Ҳақиқатан ҳам ушбу ояти карималар нозил бўлиб турган вақтда сахийлик, Аллоҳнинг йўлида холис мол сарфлаш каби фазилатлар кўпчилик мусулмонларга хос бўлиб, уларнинг бу борадаги ишлари мўъжиза даражасига бориб етгани ибрат ўлароқ тарихнинг олтин саҳифаларида абадий қолиб кетган. Шу билан бирга, баъзи бахиллар ҳам бўлганки, бу ҳам воқеъликдир. Куръони карим ушбу оятда ана шундай бахилликни муолажа қилмоқда. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хутба қилдилар: «Бахиллик-зиқналиқцан сақланинглар! Албатта, сизлардан олдин ўтганлар зиқналик туфайли ҳалок бўлишган. Уларни бахилликка амр қилди, бахиллик қилишди. Уларни алоқаларни узишга амр қилди, алоқаларни узишди. Уларни фожирликка амр қилди, фожирлик қилишди» (Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти).
Ояти карима яна Аллоҳ бой, яъни беҳожат, сизлар эса муҳтож, яъни фақирсизлар” деб хабар беряпти. Аллоҳнинг сифатларидан бири ал-Ғаний беҳожатдир, Унинг ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ҳожати тушмайди. Холиқнинг шаъни Унинг ҳамма нарсада беҳожат-лигидир, махлуқнинг шаъни унинг барча нарсага муҳтожлигидир. Аллоҳ бандаларидан беҳожат, шу билан бирга махлуқлар Уни мақташади. Аммо инсон бадавлат ва бирор кишига эҳтиёжи тушмасдан беҳожат бўлиши мумкин, аммо қўпол, такаббур, кеккайган ва ёқтирилмайдиган киши бўлади. Лекин Еру-осмонларнинг Холиқи комил ва беҳожатдир. Аллоҳ Ўзи беҳожат, шу билан бирга махлуқотни овқат, ичимлик ва ҳаво билан таъминлайверади. Инсоннинг беҳожатлиги нисбийдир. Чунки инсон беҳожат бўлиши билан бир вақтнинг ўзида сон-саноқсиз нарсаларга муҳтождир. Масалан, ўта бадавлат одам юрак касалига чалинди, дейлик. У юрак дўхтири олдига бориб, тавозуъ билан: «Жароҳат амалиётига муҳтожманми ёки йўқми? Бу сурункалими ёки ўтиб кетадими?” деб ўзи бадавлат бўлишига қарамай дўхтирнинг илми олдида ўта муҳтожлик билан туради. Аллоҳ таоло эса халқидан зоти, сифати ва султонлиги билан беҳожатдир. Халойиқнинг барчаси У Зотнинг инъом-эҳсонига муҳтождир. У мутлақ ва ҳақиқий беҳожатдир, инсоннинг беҳожатлиги эса мажозийдир. Яъни, моли билан беҳожат, аммо соғлик, ақл, муваффақият ва нусратга эҳтиёжи бор. Аллоҳнинг ушбу сифати билан хулқланиш У Зотга ҳар доим қашшоқлик ва камбағалликни изҳор қилиш ҳамда бирор ишни амалга оширганда буни ақлим билан ёки билимдонлигим билан амалга оширдим, деб эмас, балки бу нарсага Аллоҳнинг фазли, ёрдами ва тавфиқи сабабли эришдим, деб айтиш билан бўлади.
Аллоҳ таоло ушбу оятда қоралаётган бахилликнинг давоси кўп хайр-эҳсон қилиш ва саховат эшикларини ланг очиб қўйиш билан бўлади. Кимга мол-дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб босиб ётмай инфоқ-эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар Аллоҳ ато қилган молларидан ота-оналари, қариндошлари, қўни-қўшнилар ҳамда фақир ва ночорларга силаи раҳм, садақа ва эҳсон қилишлари талаб этилади.