loader

048. Фатҳ сураси

Мадинада нозил бўлган, 29 оятдан иборат

“Фатҳ” сўзи луғатда «ғалаба, янги ўлкаларни очиш» маъносини билдиради, Қуръони каримнинг қирқ саккизинчи сураси номи, Мадинада нозил бўлган, 29 оятдан иборат. Сурада Пайғамбар алайҳис-салом билан Макка мушриклари ўртасида ҳижрий 6 йили бўлган Ҳудайбия сулҳи ва бу сулҳнинг орадан бир йил ўтгач рўй берадиган буюк фатҳ - Макка мушриклари устидан қозонилган ғалаба-нинг ибтидоси бўлиб қолгани ҳақида сўз боради. Суранинг бундай номланиши сабаби ҳам шудир. Яна унда мўминларнинг дин йўлида қилган жиҳодлари, имони заиф кимсалар ва мунофиқларнинг жиҳоддан қолиш учун кўрсатган баҳоналари, саҳобийларнинг Пайғамбар алайҳиссаломга берган байъатлари ҳақида ҳам хабар берилади. Фатҳ сураси ҳам бошқа маданий суралар каби шариат ҳукмлари, мунофиқлар ва бошқа ўзига хос мавзуларни ўз ичига олган. Сурада Аллоҳнинг йўлида курашиш, Аллоҳнинг ёрдами доимо пайғамбарларга бўлиши, мунофиқларнинг иккиюзламачилиги, хоинлиги, мўминларнинг яхши сифатлари зикр қилинади, саҳобаи киромларнинг сифатлари келтирилади. Сура охирида Аллоҳ таоло имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга мағфират ва буюк ажру савобларни ваъда қилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. (Эй Муҳаммад), Биз сизга очиқ-ойдин фатҳни бердик.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига фатҳни, яъни Ҳудайбия сулҳини ато этганини билдирмоқда. Оятдаги «фатҳ»дан мурод Ҳудайбия сулҳидир. Ислом тарихидаги оламшумул ишлардан бўлган бу сулҳга ҳижратнинг олтинчи йили келишилган. Мисвар ибн Маҳрома ва Марвон ибн Ҳакамлар айтишади: “Фатҳ сураси бошидан охиригача Макка билан Мадина орасида Ҳудайбия иши ҳақида нозил бўлгандир”. Ибн Ҳишомнинг Зуҳрийдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия сулҳини имзолаб, Маккадан Мадинага қайтаётганларида ярим йўлда Фатҳ сураси нозил бўлган. Маълумки, Маккаи мукаррама шаҳри ва ундаги Байтуллоҳ Исломдан аввал ҳам барча арабларнинг эътиборини ўзига тортган, эъзозига сазовор бўлган. Улар Иброҳим алайҳиссалом даврларидан бошлаб ҳар йили бу ерда ҳаж қилишар эди. Ҳамма бу маконни ҳурмат қилар, улуғлар, у ерга кирган ҳар бир инсон омонда бўлар, унга ҳеч ким тегмас эди. Ҳатто энг катта душманини у ерда учратиб қолган киши ҳам шаҳар ва Каъба ҳурматидан унга қарши қўл кўтармас эди. Ҳамма Байтуллоҳнинг ишқида яшар, уни бир бор тавоф қилишни умрининг мазмуни деб биларди. Аммо Набий алайҳисса-лом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг мусулмонлар бу бахтдан маҳрум бўлиб қолишди. Қурайш араблари мусулмонларнинг Байтуллоҳни зиёрат қилишларига тўсқинлик қилар, уларга тавоф учун рухсат беришмас эди. Ўша пайтгача ҳеч ким одамларни Аллоҳнинг Уйидан тўсишга журъат қилмаган эди. Мусулмонлар бу адолатсизликдан қаттиқ изтиробга тушиб, ғам-алам чекишарди.
Шу зайлда олти йил ўтди. Бир куни саҳобалар тўпланиб ўтиришганда олдиларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар ва уларга тушларида ҳаммалари сочларини олдирган ҳолда, эминликда, қўрқинчсиз Масжидул-Ҳаромга кириб боришаётганини кўрганларини айтдилар. Ҳамма бу башоратдан хурсанд бўлди. Ўша йили зулқаъда ойининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрани ният қилиб, сафарга чиқдилар. Қурайшнинг йўлни тўсиб қўйиши ёки уруш очишидан хавотирланган Пайғамбар алайҳиссалом Мадина аҳли ва атрофдаги саҳройи қабилаларнинг ҳам бирга чиқишларини истадилар. Аммо атрофдаги саҳрода яшайдиган аъробий қабилалар «Барибир қурайшийлар мусулмонларни тор-мор қилиб, қириб ташлайди» деган фикрга бориб, сафарга қўшилишмади. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга муҳожир ва ансорий мусулмонлар, мадиналик араблардан жами бир минг тўрт юз киши умрага чиқди. Ният соф эканини, урушишга эмас, умрага - ибодатга кетаётганларини элу юртга билдириш учун эҳром боғлаб, қурбонликка сўядиган ҳайвонларини ҳам олдиларига солиб олишди. Шу ҳолатда Асафон деб аталган жойга етишганда Бишр ибн Суфён Каъбий исмли киши йўлиқиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Қурайш сизнинг йўлга отланганин-гизни эшитиб, ёшу қари - ҳаммаси йўлбарс териларини кийиб, Зу Туво деган жойда сизни Маккага абадий киритмасликка Аллоҳга қасам ичишмоқда. Холид ибн Валидни отлиқларга бош қилиб, Қуроъул Ғомийм деган жойга юборишди», деди.
Пайғамбар алайҳиссалом Хирош ибн Умайя Хузоъийни Саълаб деган туяга миндириб, Маккага - Қурайш ҳузурига элчи қилиб юбордилар. Лекин қурайшликлар туяни сўйишди. Элчини ҳам ўлдирмоқчи бўлишган эди, ҳабашистонликлар қутқариб қолишди. Сўнг уни Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига қайтариб юборишди. Курайшликлар қирқ-эллик кишини Расулуллоҳнинг одамлари турган жойга юбориб, бирорта саҳобага ёмонлик қилишга буюришди. Аммо ҳеч ким бу иғвога учмади. Уларни тутиб, олиб келишган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйиб юбордилар. Сўнг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни чақириб, бу ерга келишларининг сабаблари ҳақидаги хабарни Қурайш бошлиқларига етказишни топширмоқчи эдилар, у киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, Маккада мени ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ, Қурайшга бўлган адоватим, қаттиққўллигим ҳаммага аён. Мендан кўра Усмон ибн Аффон борса, яхши бўларди», деди. Набий алайҳиссалом ҳазрати Усмонни чақириб, Абу Суфён ва Қурайшнинг бошқа бошлиқларига бориб, уруш учун келмаганликларини, балки Байтуллоҳни ҳурматлаб, уни зиёрат қилиш учун келганликларининг хабарини етказишни топширдилар.
Маккага кираверишларида Усмон розияллоҳу анҳуни Абон ибн Саъийд кутиб олди ва у кишига ҳомий эканини эълон қилди. Ҳазрати Усмон бориб, Абу Суфён ва Қурайшнинг бошқа бошлиқларига Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гапларини етказди. У киши гапни тугатиб бўлганидан сўнг қурайшликлар: “Агар Байтуллоҳни тавоф қилмоқчи бўлсанг, қилиб ол”, дейишди. Ҳазрати Усмон: “Расулуллоҳ тавоф қилмай туриб, мен асло тавоф қилмайман”, деди. Қурайшликлар у кишини ушлаб қолишди. Пайғамбар алайҳиссаломга ва мусулмонларга «Усмон ўлдирилибди» деган гап етиб борди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом «Бу қавм билан охири тўқнашар эканмиз-да», дедилар ва кишиларни байъатга чақирдилар. Ҳамма саҳобалар дарахт остида туриб, қўлларини Расули акрамнинг қўлларига қўйиб, ўлимга ҳам тайёр эканликлари ҳақида байъат қилишди. Бу байъат «Ризвон», яъни «Розилик байъати» номи билан тарихга кирди. Чунки Аллоҳ таоло ўша дарахт остида Пайғамбарга ким байъат қилган бўлса, ҳаммасидан рози эканини эълон қилди. Ҳазрати Усмон учун Набий алайҳиссаломнинг ўзлари бир қўлларини иккинчисига қўйиб байъат қилдилар. Кейин эса ҳазрати Усмоннинг ўлдирилгани ҳақидаги гапнинг ёлғон экани маълум бўлди. бекор гап эканининг хабари келди.
Сўнгра Қурайш Набий алайҳиссаломнингҳузурларига Суҳайл ибн Амрни юборди, унга: «Сен бориб, Муҳаммад билан сулҳ туз, сулҳда бу йил бизнинг устимизга (Маккага) кирмай, қайтиб кетиши албатта (ёзилган) бўлсин, яна араблар бизнинг устимизга куч ишлатиб кирди, деб гапиришмасин», деб тайинлади. Пайғамбар алайҳисса-лом Суҳайл ибн Амрнинг келаётганини кўрганларида: «Аллоҳ ишимизни енгиллаштирадиганга ўхшайди, дедилар (чунки Суҳайл сўзи луғатда «осон», «енгил» деган маъноларни англатади). Яна: “Улар бу одамни юборишларидан сулҳ тузишмоқчи шекилли», дедилар. Суҳайл Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, узоқ гаплашди, торти-шишларга боришди ва охири сулҳ тузилди. Сулҳни ёзиш учун На-бий алайҳиссалом Алий ибн Абу Толибни чақирдилар ва: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм», деб ёз”, дедилар. Суҳайл: “Мен бунақа гапни билмайман, «Бисмикааллоҳумма» деб ёз”, деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Майли, «Бисмикааллоҳумма» деб ёз”, дедилар. Ҳазрати Алий ёздилар. Сўнгра у зот алайҳиссалом: “Ёз: «Бу Аллоҳнинг Расули Муҳаммад ва Суҳайл ибн Амр тузган сулҳ...» деган эдилар, Суҳайл: “Агар сени Аллоҳнинг Расули деб шаҳодат берганимда сен билан урушмас эдим. Шунинг учун исмингни ва отангнинг исмини ёздир”, деди. Набий алайҳиссалом: “Ёз: «Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ва Суҳайл ибн Амр тузган сулҳ...» - дедилар. Шу тариқа улар қуйидаги шартларга келишишди: “1. Ўн йилгача уруш бўлмайди, одамлар омонда бўлиб, бир-бирларига ёмонлик қилишдан тийила-дилар. 2. Ким Қурайш тарафидан Муҳаммаднинг олдига келса, уни қайтариб беради. 3. Ким Муҳаммаднинг олдидан Қурайшга келса, қайтариб берилмайди. 4. Ким Муҳаммад билан аҳднома тузиб, шерик бўлса, бўлаверади. 5. Ким Қурайш билан аҳднома тузиб, шерик бўлса, бўлаверади. 6. Бу йил Муҳаммад ва саҳобалари Маккага кирмай, қайтиб кетишади. 7. Келаси йили келиб, қиличларини қинида сақлаган ҳолда Маккага киришади ва уч кун туришади, бу вақтда мушриклар Маккадан чиқиб туришади”.
Сулҳ матни ёзиб бўлингач, Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга: “Энди туриб, қурбонликни сўйиб, сочларингизни олдиринг”, дедилар. Бирор киши қимир этмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқларини уч марта такрорладилар. Яна ҳеч ким жойидан жилмади. Шунда Набий алайҳиссаломнинг хуноблари ошиб чодирларига, завжалари Умму Саламанинг олдига кирдилар ва: “Бу қавм ҳалок бўлади, булардан олдин ўтганлар ҳам ўз пайғамбарларига бўйсунмай, ҳалок бўлишган эди”, деб, одамларнинг саркашликларини, адашаётганларини гапириб бердилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо у зотни очиқ чеҳра, мулойимлик билан кутиб олган эди. Сўзларини хотиржамлик билан тинглади ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз биласиз, саҳобаларингиз Маккаи мукаррамани ниҳоятда севишади, кўпдан буён зиёрат қила олишгани йўқ. Ҳозир ҳаммалари зиёратга тўла ишониб туришган эди, Каъбани тавоф қилмай қайтиш уларга жуда оғир бўляпти. Агар кўзлаган ишингизни қилишингиз зарур бўлса, чиқингда, улардан бирортасига бир оғиз ҳам сўз айтмай, атаган туянгизни сўйинг, сўнгра сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин, ҳаммаси жойига тушади”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атаган туяларини ўз қўллари билан сўйдилар. Сўнгра сартарошларини чақирдилар, сочларини олди. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам бирин-кетин туриб, қурбонликларини сўйишди, бир-бирларининг сочларини ола бошлашди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортларига қайтиб юра бошладилар, ҳамма қайтди. Қуроъул Ғомийм номли жойга етганларида бир оз тўхтадилар, одамлар у зотнинг атрофларига шошиб кела бошлашди. Кўпчилик тўпланиб бўлганидан сўнг уловлари устида ўтирган ҳолларида «Инна фатаҳна лака фатҳан мубийнан...» деб, Фатҳ сурасининг аввалини ўқидилар. Шунда саҳобалардан бири: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу фатҳми?” деб сўради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Ҳа, нафсим “қўли”да бўлган Зотга қасамки, бу албатта фатҳдир”, дедилар.
Авваллари мушриклар Пайғамбаримизга ва мусулмонларга қарши муросасиз, шафқатсиз уруш олиб боришарди. Аммо Ҳудайбия сулҳидан сўнг улар Ислом давлатини сўзсиз тан олишди. Мусулмонлар эркинлик билан хоҳлаган тарафларига бориб, кишиларни ўз динларига даъват қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Аллоҳ таоло Ҳудайбия сулҳини «фатҳ» деб ҳисоблади. Ҳақиқатан ҳам, у улкан фатҳ эди.
Ташқаридан қараганда, Ҳудайбия сулҳи мусулмонлар зарарига бўлганга ўхшаб кўринади. Кўплаб машаққатлар чекиб Маккага яқинлашиб қолганда орқага қайтиб кетишни ғалаба деб бўлмайди. Буни саҳобаларнинг сулҳга бўлган муносабатларидан ҳам билса бўлади. Ҳатто ўша ҳодиса иштирокчилари ҳам Ҳудайбия сулҳини фатҳ деб тушунмаганлари ҳақида ривоятлар бор. Баъзи ривоятларда айтилишича, Набий алайҳиссалом баён қилиб бергунларига қадар «Ҳудайбия сулҳи»нинг фатҳ экани баъзи саҳобаларга тушунарсиз бўлган.Урва айтади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳудайбиядан қайтаётганларида саҳобалардан бири: “Бу фатҳ эмас. Байтуллоҳдан йўлимиз тўсилди, қурбонликларимиз ҳам қилинмади, Набий алайҳиссалом ҳам Ҳудайбияда тўхтаб қолдилар”, деди. Бу гап Пайғамбаримизга етиб борганида, у зот алайҳиссалом: “Бу бўлмағур гап. Шубҳасиз, бу энг улуғ фатҳдир. Мушриклар сизни ўз юртларидан илтимос билан қайтаришди, сиздан сулҳ сўрашди, омонликда бўлишга рағбат билдиришди, ҳолбуки улар сизларни қанчалик ёмон кўришлари маълум эди. Аллоҳ сизларни улар устидан зафарга эриштирди, сизларни соғ-саломат, ажр-савобга эга бўлиб қайтишга муваффақ қилди. Бу улкан фатҳдир. Мен чақириб турганимга қарамай қочиб қолганингиз Уҳуд кунини унутдингизми? Ҳам юқори тарафдан, ҳам паст тарафдан душман ўраб, жонингиз ҳалқумин-гизга келиб қолган Аҳзоб уруши кунини унутдингизми?” дедилар. Шунда мусулмонлар: “Аллоҳ ва унинг Расули ростгўйдир, у энг улуғ фатҳдир, Аллоҳнинг Пайғамбари, биз сиз айтган нарсаларни ўйлаб кўрмабмиз”, дейишди” (Байҳақий ривояти).

2. Аллоҳ сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни кечиши, сизга Ўз неъматини тўкис қилиб бериши ва сизни тўғри йўлга бошлаши учундир;
Аллоҳ таоло яна Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, Биз бу фатҳ-ғалабани сизларга бежизга бермадик. Буларнинг ҳаммаси Парвардигорингизнинг сизнинг олдинги ва кейинги барча хатоларингизни кечиб юбориши, Ўз неъматини сизга беками-кўст қилиб бериши ва сизни ҳидоятга бошлаши учун эди. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга икки дунёдаги энг муҳим нарсаларни ато этди.У зотнинг аввалгию охирги, қилган-қилмаган барча гуноҳ ва хатолариларини кечирганини эълон қилди. Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар Аллоҳнинг ёрдами ва нусрати билан ғолибликда, фатҳга эришган ҳолларида Мадинага қайтишди. Шунда мунофиқлар улар билан бирга бормаганларига афсус-надоматлар қилишган эди, Аллоҳ уларга яна бошқа урушда қатнашиш имкони борлигини билдириб, Фатҳ сурасидаги оятларни нозил қилди.
Ушбу оятдаги “олдинги ва кейинги гуноҳларингиз” жумласидан Пайғамбар алайҳиссалом ҳам гуноҳ қилган эканлар, деган фикрга бормаслик керак. Одатда Аллоҳнинг пайғамбарлари гуноҳлардан маъсум, яъни пок, холи бўлишади. Аммо улар ҳам инсон наслидан бўлишгани учун ҳаётда турли хато-камчиликларга йўл қўйишлари мумкин. Масалан, Одам алайҳиссаломнинг шайтон алдовига учиб, жаннатдан чиқарилиши, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бой-зодагон мушрикларни динга даъват қилиб турган пайтларида кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум келиб, савол сўраганида у зотнинг юз буриштирганлари каби ҳолатлардаги билиб-билмай қилинган қусурлар назарда тутилган, дейишади муфассирлар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг қалбимга ҳам шаҳват соя солади, ҳатто бир кеча-кундузда Аллоҳга етмиш марта истиғфор айтаман”, деганлар (Абу Ҳурайрадан Бухорий ва Муслим ривояти). Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Ўз неъматини батамом, тўкис қилиб бериши Исломнинг дин сифатида, у зотнинг эса Пайғамбар сифатида эътироф этилишлари ва Ислом умматининг эмин-эркин яшай бошлашидир. Тўғри йўлга, ҳидоят йўлига бошлаши эса душманлари билан сулҳ тузиб ҳам фатҳга эришиш йўлини ўргатишидир.

3. Аллоҳ сизга буюк ғалабани бериши учундир;
Ояти каримадаги “буюк ғалаба” деб таржима қилинган “насрон азиза” жумласи «устидан ҳеч ким ғолиб кела олмайдиган» деган маънони англатади. Яъни, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳисса-ломга шундай ёрдам бердики, бундан ҳеч ким ва ҳеч нарса ғолиб кела олмайди. Ҳақиқатан, у зотга ато этилган илоҳий марҳаматлар: очиқ-ойдин фатҳ, аввалгию охирги гуноҳларининг кечирилиши, Аллоҳ неъматларни беками-кўст қилиб бериши, тўғри йўлга ҳидоят қилиши ва буюк ғалабани бериши - буларнинг бари Ҳудайбия сулҳига боғлиқ бўлди. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом бир қарашда ютқазиш бўлиб кўринган ушбу сулҳни Байтуллоҳни улуғлаганлари сабабли туздилар, натижада Аллоҳ у зотни мазкур ғалаба билан мукофотлади.
Дарҳақиқат, Ҳудайбия сулҳи улкан ғалаба бўлгани кейинчалик маълум бўлди. Бу сулҳ Ислом даъвати учун фатҳ - йўл очилиши бўлди, Исломда бундан улуғроқ фатҳ бўлган эмас, дейишади уламолар. Сулҳтузилиб, уруш тўхтагандан сўнг олдинлари урушдан боши чиқмаган одамлар бир-бирларидан омонда бўлишди. Бир-бирлари билан учрашиб, тинчгина суҳбатлашиб ўтиришадиган бўлишди. Озгина ақли-фаросати бўлган одам бундай суҳбатлардан кейин Исломни қабул қилар эди. Ҳудайбия сулҳи билан Макканинг амалий фатҳи орасида ўтган икки йил мобайнида бундан аввалги йиллардагига қараганда кўпроқ одам Исломга кирди. Маълумки, Ҳудайбияда иштирок этганларнинг сони бир минг тўрт юз эди. Икки йилдан сўнг, Макка фатҳ қилинганида мусулмонлардан ўн минг киши қатнашди. Уларнинг ичида Холид ибн Валид ва Амр ибн Оссга ўхшаш улкан фотиҳ саҳобалар ҳам бор эди.
Ҳудайбия сулҳи Ислом билан шарафланган ерларнинг кенгайишига ҳам сабаб бўлди. Аввал ҳамма куч-эътибор мушрикларга қаратилган эди. Сулҳ тузилиб, уларнинг ёмонлигидан омонда бўлинганидан сўнг яҳудийлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун имкон пайдо бўлди. Набий алайҳиссалом Шом йўлидаги Хайбар номли жойдан Ислом учун доимий хавф-хатар бўлиб турган яҳудийларни чиқаришга муяссар бўлдилар. У ерларни фатҳ қилиб, ўлжаларни фақат Ҳудайбияда иштирок этганларга бўлиб бердилар. Бу сулҳ мусулмонлар билан мушриклар орасини «фатҳ қилди» - очиб берди. Авваллари мушриклар Исломни ва мусулмонларни сира тан олишмас эди. Бундан бир йил илгари Макка мушриклари Мадинага бос-тириб боришган, бу билан мусулмонларни ниҳоятда оғир аҳволга солиб қўйишган эди. Қурайш қабиласини йўлбошчи деб биладиган бошқа араб қабилалари ҳам бундан қаттиқ таъсирланган эди. Мунофиқлар эса бундан ҳам ёмонроқ гумонларга боришарди. Лекин Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз бошлиқ мусулмонларга нусрат-ғалаба берди. Сулҳ тузилиб, қурайшликлар Пайғамбар алайҳиссаломни ва ҳақ дин бўлган Исломни тан олишди. Асло шубҳа йўқки, бу воқеа Ислом тарихидаги энг улкан фатҳ-ғалаба эди. Ушбу улуғ ҳодисадан кейин бошқа қабилалар ва жамоалар ҳам мусулмонларга ҳурмат назари билан қарай бошлашди. Турли тарафлардан араб қабилалари ўз вакилларини Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига юбора-диган бўлишди. Шу билан бирга, Ҳудайбия қалбларни ва нафсларни ҳам фатҳ қилди. Кишилар Ислом учун барча фидокорликка тайёр ҳолга келдилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳудайбияда биз билан (умра) ибодатимиз ораси тўсилиб, маҳзун ҳолда қайтатганимизда Аллоҳ азза ва жалла юқоридаги оятини нозил қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга дарҳақиқат бир оят нозил қилинди. У мен учун дунё ва ундаги ҳамма нарсадан кўра яхшироқдир”, дедилар”.
Ато Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Мен (келажакда) наўзимга ва на сизларга нима қилинишини билмайман» ояти нозил бўлганида яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларни масхара қилишиб: “Ўзига нима қилинишини билмайдиган кишига қандай қилиб эргашамиз?” дейишди. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ таъсир қилди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятларини нозил қилди”. Юқоридаги уч ояти карима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига қаратилган эди. Келгуси оятларда Аллоҳ таоло мусулмон бандаларига берган неъматларини васф қилишни бошлайди:

4. У имонларига имон қўшилиши учун мўминлар дилига таскин туширган Зотдир. Осмонлару Ернинг лашкарлари Аллоҳ-никидир. Аллоҳ билимлидир, ҳикматлидир.
Ушбу ояти карима Ислом тарихида муҳим ўрин тутган “Ҳудайбия ҳодисаси” ҳақида сўз юритади. Ўшанда Аллоҳ таоло мўминларнинг имонларига имон қўшилиши учун уларга сакинат туширган, муаммолар ечимини Ўзи ҳал этиб берган эди. Ҳижратнинг олтинчи (милодий 628) йили зулқаъда ойининг биринчи душанбасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча юз саҳобалари билан Байтуллоҳ зиёрати учун Маккага йўл оладилар. Аммо улар маккалик мушрикларнинг қаттиқ душманлигига дуч келишди. Шунда эркак-аёл барча саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда Ислом йўлида урушиб, жон фидо этишга у зотга байъат қилишди. Бу байъат Ризвон байъати ёки Ҳудайбия байъати, деб ном олди. Бундан саросимага тушган мушриклар Пайғамбар алайҳиссалом билан сулҳ тузиш учун ҳайъат юборишди. Ҳудайбия қудуғи номини олган қишлоқда тарихда мусулмонларнинг биринчи сулҳи қабул қилинди. Ўн йилга мўлжалланган сулҳда шу муддат мобайнида бир-бирига хужум қилмаслик, Каъба зиёрати, бир-бирлари томонга ўтганларга муносабат каби масалалар қамраб олинган эди. Бу шартнома ҳам сиёсий, ҳам диний аҳамиятга эга бўлишига қарамай, у уч йилгина амалда бўлди. Қурайшийлар унга ҳурматсизлик кўрсатиб бузишди ва бу ҳол Макканинг фатҳ қилинишига йўл очди. Ҳудайбия воқеаси мўминлар учун анча ташвишли, хатарли ишларга сабаб бўлди, ҳатто сулҳ матнини тузишда ҳам мусулмонлар тортишиб қолишди. Бу қуйидаги ҳадисда зикр қилинади: Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия аҳли билан сулҳ қилганларида Алий уларнинг ўртасида шартнома ёзди. У «Аллоҳнинг Расули Муҳаммад...» деб ёзди. Шунда мушриклар: «Аллоҳнинг Расули Муҳаммад» деб ёзма, агар сен расул бўлганингда, биз сен билан урушмас эдик», дейишди. У зот Алийга: «Уни ўчир», дедилар. Алий: «Мен уни асло ўчирмайман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз қўллари билан ўчирдилар ва асҳоблари билан биргаликда фақат қуролхалта осиб, уч кунга киришга улар билан сулҳ туздилар» (Бухорий ривояти).
Ҳудайбия сулҳига кўра, мушриклардан мусулмонлар томонига ўтганлар қайтариб берилиши, мусулмонларнинг мушриклар томонига ўтганлари қайтарилмаслиги белгилаб қўйилган эди. Саҳобалардан Абу Жандал ибн Суҳайлнинг мусулмонлар томонга ўтиши катта ғавғога айланиб кетди. Чунки бу мусулмонлар ва мушриклар ўртасида тузилган сулҳ шартномасига зид бўлгани учун уни қайтариб бериш мумкин эмасди. Абу Жандал минг машаққат билан туткунликдан қутулиб, занжирларини судраганича мусулмонлардан паноҳ сўраб келганида отаси ўғлининг қайтарилишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қаттиқ талаб қилиб туриб олди: «Сулҳ шартларига мувофиқ сиздан биринчи бўлиб сўрайдиганим шудир, агар берилмаса, сулҳ бузилади». Расули акрам сулҳ ҳукмидан Абу Жандалнинг истисно қилинишини хоҳлаган эдилар. Бироқ отаси Суҳайлнинг қайсарлигини кўриб сулҳни қутқариб қолишни ўйладилар ва отасининг истагига кўра Абу Жандални топширишга рози бўлдилар. Бечора Абу Жандал бу ҳолдан қаттиқ қайғуриб, хафа бўлиб қолди: “Мен мусулмон бўлганим учун шундай зулмларга, азобларга учраган эдим. Яна мени қайтадан зулм ичига отмоқчимисизлар? Яна мушриклар қўлига топширмоқчимисизлар?”. У титраб-қақшаб ҳаммага аланглаб қарар, баданидаги яраларни кўрсатиб, изтиробли аҳволини тушунтирмоқчи бўлар, мусулмонларнинг марҳаматидан умидвор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам унга тасалли беришга уриниб кўрдилар. «Биз шу нарсага битим тузганмиз. Бу битимни бажаришга мажбурмиз. Сен сабр қилгин, Аллоҳдан умидингни узма, Аллоҳ Ўзи яқинда сени ва сен кабиларни рўшноликка чиқаради», дедилар. Абу Жандал Яна ўша кишанлар ичида Маккага қайтишга мажбур бўлдилар. Ўша пайтда вазият ўта нозик, асаблар таранглашган эди. Абу Жандалга татбиқ қилинган муомала мусулмонларни ғалаёнга келтирди. Абу Жандалнинг такроран золимлар қўлига топширилиши чидаб бўлмас бир манзара эди. Ҳатто Ҳазрати Умар ҳам бу ҳолга чидай олмай, Расули акрамнинг ҳузурларига бориб: “Сиз Аллоҳнинг пайғамбари эмасмисиз, даъвойингиз ҳақ даъво эмасмиди, бу залолатни нега қабул қиляпсиз”, дея таъна қилишгача бордилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом унга: Мен албатта Аллоҳ-нинг пайғамбариман. Аллоҳга исён қилганим ҳам йўқ. Биздан уларга кетганларни (яъни Исломдан чиққанларни) Аллоҳ биздан узоқ қилсин. Улардан бизга келганлар учун эса, Аллоҳ албатта бирор чора яратади”, дедилар. Абу Жандал кўп ўтмай маккалик мушриклар исканжасидан қутулди.
Ана шундай таҳликали бир пайтда, ҳатто Муҳаммад алайҳис-саломнинг ўзлари ҳам саҳобаларнинг қалбларига таъсир ўтказа олмаган бир пайтда фақат бандаларнинг қалбларини истаган томонга бура олувчи Аллоҳ таолонинг Ўзигина уларнинг қалбларига сокинлик туширди. Аллоҳ саҳобаларнинг қалбларига сокинлик туширгач, улар хотиржам, тинч-омон ортларига қайтдилар ва улкан саодатга эришдилар. Бу илоҳий иродани ўз кўзлари билан кўриб, бошларидан кечирган мусулмонларнинг имонлари янада зиёда бўлади. Мана шундай пайтда Аллоҳ хоҳласа, албатта уларга ғалаба-нусрат бериши ҳам мумкин эди. Зеро, оятда келганидек, осмонлар ва Ердаги жамики лашкарлар ПарвардигорнингЎзигагина тегишлидир. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани энг дақиқ жиҳатларигача билгани ва Ўз ҳикмати билан бутун борлиқни иҳота қилгани учун ҳамма нарсани ҳикмат билан қилади. Ҳудайбияда мусулмонларнинг сулҳтузиб қайтишларини ирода қилдими, демак, шунинг ўзи ҳам айни ҳикматдир.

5. Мўминлар ва мўминаларни остларидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу қолинадиган жаннатларга киритиш учун, уларнинг гуноҳларини ўчириш учундир. Бу Аллоҳ ҳузурида улкан ютуқдир.
Аллоҳтаоло Ўзининг илми ва ҳикмати билан мўминларнинг қалбига сокинлик солиши улардаги имоннинг зиёдалашгани туфайли дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатга киритиш учун, гуноҳларини ўчириб-афв қилиш учун экан. Бу нарса эса буюк Парвардигор ҳузуридаги энг улкан ютуқдир. Ушбу оятда мўминлар ва мўминаларни алоҳида зикр қилишдан ирода этилишича, жаннат фақат имонли эркаклар учунгина бўлмай, имон ва солиҳ амаллар билан ўтган аёлларга ҳам аталган экан.
Қатода Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Фатҳ сурасининг дастлабки уч ояти нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизга берган нарсалар сизга қутлуғ бўлсин! Бизга нима бўлади?” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло “Мўминлар ва мўминаларни остларидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу қолинадиган жаннатларга киритиш учун, уларнинг гуноҳларини ўчириш учундир. Бу Аллоҳ ҳузурида улкан ютуқдир” оятини нозил қилди”. Яна Қатода Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Биз сизга очиқ-ойдин ғалаба ато этдик» ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан қайтаётганларида нозил бўлди. У кишининг саҳобалари маҳзун ҳолда эдилар. Улар билан ибодатлари ораси тўсилган эди. Қурбонликларни Ҳудайбиянинг ўзида сўйишганди. Ушбу оят нозил бўлгач, у киши асҳобларига: “Дарҳақиқат менга бир оят нозил қилинди. У менга дунёнинг барча нарсасидан яхшироқдир”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу оятни тиловат қилганларида қавм орасидан бир киши: “Муборак бўлсин, эй Расулуллоҳ, Аллоҳ сизга нима қилинишини баён этибди. Энди бизга нима қилинади?” деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.

6. Аллоҳ тўғрисида ёмон гумон қилувчи мунофиқ ва мунофиқалар, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учундир. Уларга мусибатнинг ёмони тушувчидир. Аллоҳ уларга газаб қилди, уларни лаънатлади ва уларга дўзахни тайёрлаб қўйди. У нақадар ёмон жойдир!
Аллоҳ таоло Ҳудайбия воқеасида ноилож қолган мўминларнинг қалбига сокинлик солиб, уларнинг имонларини зиёдалаштирди ва бунинг оқибати мўминларнинг ўзлари ҳам кутмаган даражада гўзал бўлди. Улар бир қарашда мусулмонлар зарарига ўхшаб кўрингани билан келажакда Исломнинг буюк шавкатига дебоча бўлган улуғ сулҳни тузиб қайтишди ва бу сулҳлари Ислом тарихидаги улкан воқеа - Макка фатҳига олиб борди. Ҳудайбия воқеасининг Аллоҳ ирода қилган ҳикматларидан яна бири Ўзи тўғрисида ёмон гумонга борувчи мунофиқ эркаклар билан аёлларни, мушрик эркаклар билан аёлларни азоблаш учун эди. Ўша воқеалар чоғида уларнинг дилларидаги мунофиқликлари ошкор бўлди, Исломга ва мусулмонларга душманликлари фош этилди. Чунки улар Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган катта жиноятларга қўл уришганди: Аллоҳнинг Уйи Байтуллоҳни беҳурмат қилишди, яхши ниятлар билан Байтни зиёрат қилгани келаётганларнинг йўлинитўсиб,уларнинг Аллоҳга ибодат қилишларига қарши чиқишди. Улар шу ва шунга ўхшаш бошқа гуноҳлари учун Аллоҳнинг ғазабига, лаънатига ва қаттиқ азобига гирифтор бўлишди. Улар инсон учун абадий азоб жойи қилиб тайёрлаб қўйилган энг ёмон жой - дўзахдан ўрин олишади. Ояти каримадаги “доиратус-савъи” жумласи “уларга ёмонликлар ҳалқаси бўлсин, ёмонлик ҳамма томонларидан ўраб олсин” деган маънони англатади. Яъни, улар абадий бало-мусибатдан чиқишмасин, Аллоҳнинг азоб-қийноқларига бошлари билан шўнғишсин.

7. Осмонлару Ернинг лашкарлари Аллоҳникидир. Аллоҳ қудратлидир, ҳикматлидир.
Ушбу суранинг тўртинчи оятида Аллоҳнинг лашкарлари ҳақида сўз кетганида Парвардигорнинг «Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир» деган сифатлари васф қилинган эди. Бу оятда эса Аллоҳ таолонинг “қудратлидир ва ҳикматлидир” деган сифатлари зикр этилмоқда. Чунки олдинги оятда сўз тадбир ва тасарруф ҳақида кетган эди, шунинг учун илм-билиш ва ҳикмат зикр қилинди. Бу оятда эса сўз қаҳр, ғазаб ва ғалаба ҳақида кетяпти, шунинг учун қудрат ва ҳикмат зикр этилмоқда. Аллоҳ таолонинг иккитадан исми бир ўринда келган пайтда бу ўзига хос маъно касб қилади. Масалан, Азизун-Ҳаким дейилса, Аллоҳ таоло кучли, қудратли, лекин У Ҳаким ҳамдир, яъни куч-қудратли бўлиши билан У зот Ҳаким ҳамдир. Аллоҳ таолонинг куч-қудрати, султонлиги чексиз ва поёнсиздир, шу билан бирга У Зот ҳеч кимга зулм қилмайди.

8. (Эй Муҳаммад), Биз сизни гувоҳлик берувчи, хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз.
Аллоҳ таоло севимли Пайғамбарига хитоб қиляптики, сизга юклаган рисолатимиз ҳақида гувоҳлик берувчи, мўминларга жан-нат хушхабарини берувчи ва осий ва гуноҳкорларни азобларимиз ҳақида огоҳлантирувчи қилиб уммат орасига юборганмиз. Охир замон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳам, у зотгача ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам асосий вазифаси Аллоҳ таолога имон келтириб, Унга тоат-ибодат қилган инсонларга жаннат башоратини қилиш, Унга куфр ва исёнда бўлган инсонларни дўзах азобидан огоҳ этиш, инсонларга дунё ва дин ишларида улар муҳтож бўлган нарсаларни баён этишдир. Ато ибн Ясордан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумо билан кўришиб қолдим. «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларидан хабар беринг», дедим. У: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, у зот Қуръондаги баъзи сифатлари билан Тавротда ҳам сифатланганлар: «Эй Пайғамбар, албатта Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва уммийлар учун ҳимоя қўрғони қилиб юбордик. Сен бандамсан ва Расулимсан. Сени Мутаваккил деб номладим. У бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмас. У ёмонликни ёмонлик билан қайтармас, балки авф қилур ва кечирур. Аллоҳ унинг воситасида эгри (йўлдаги) миллатни «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дейдиган қилиб тўғриламагунча уни асло қабз қилмас. У билан кўр кўзларни, гунг қулоқларни ва берк қалбларни очади», деди» (Бухорий ривояти).

9. Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтиришингиз, уни қўллаб, улуглашингиз ҳамда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтишингиз учундир.
Ушбу оятлар Ҳудайбия сулҳидан олдин вужудга келган қалтис ва қийин вазиятда, Ислом дини равнақи учун Пайғамбар алайҳис-саломнинг атрофларида бирлашиб, у кишини улуғлашлари, қўллаб-кувватлашлари заруриятга айланган бир пайтда мусулмонларни ўта муҳим ишларга тарғиб қилмоқда. Аллоҳ таоло инсонларга хитоб қилиб айтяптики, сизларга бандамиз ва элчимиз Муҳаммадни (алайҳиссалом) Пайғамбар қилиб юборишимиздан Менга ва Пайғамбаримга имон келтиришингизни, уни ҳар жабҳада қўллаб-кувватлаб, уни иззат-икром қилишингизни, Менга эртаю кеч тасбеҳ айтишингизни ирода қилганман. Ҳақиқатан Пайғамбар алайҳиссаломнинг биринчи вазифалари инсонларни Аллоҳга имон келтиришга чақириш бўлган. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирган бўлса, унинг дастлабки вазифаси Аллоҳнинг дини бўлмиш Исломни қўллаб-қувватлаш бўлган. Бу иш Исломнинг дастлабки босқичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қўллаб-қувватлаш орқали амалга ошган. Шу билан бир пайтда Аллоҳни ва Унинг Расулини улуғлаш мўминларнинг бурчларидан бири саналган. Эртаю кеч тасбеҳ айтиш - поклаб ёд этиш эса фақат Аллоҳгагина хосдир. Зотан, у зотнинг ўзлари ҳам доимо Аллоҳни поклаб тасбеҳ айтиб яшаганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда наздида мен унинг аҳлидан, молидан, одамларнинг барчасидан афзал кўрилмагунимча у мўмин бўла олмайди”, деганлар” (Бухорий ва Муслим ривояти). Жунайд Бағдодий айтади: “Аллоҳнинг лутфисиз ҳеч бир кимса Унга етиша олмайди, Аллоҳга етишишнинг йўли эса Унинг Расули ҳазрати Муҳаммадга тобеъ бўлишдир”. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий шундай деган: “Нажот уч нарсададир: ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Пайғамбарга (алайҳиссалом) эргашишдир”.

10. (Эй Муҳаммад), сизга байъат қилаётганлар албатта Аллоҳнинг Ўзига байъат қилган бўлишади. Аллоҳнинг “қўли” уларнинг қўллари устидадир. Ким уни бузса, ўзига зарар қилади. Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, унга тезда улкан мукофотни беради.
“Байъат” сўзи луғатда «олди-сотди, аҳд-паймон, қасамёд» маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда ҳукумат ёки диний раҳнамога бўйсуниш ҳақидаги аҳд, қасам, ҳокимликни эътироф этиш, асосан кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга итоат ҳақида берган аҳдномалари «байъат» дейилади. Бу аҳдномада ҳам аҳд берувчи шахс ўз итоати эвазига савобни сотиб олиши маъноси борлиги учун «байъат» номини олган. Исломнинг илк давр-ларида кўплаб кишилар Пайғамбаримизга байъат қилишган эди. Ушбу оятда Ислом тарихига “Байъатур-ризвон” (Аллоҳ рози бўлган байъат) номи билан кирган бир дарахт остидаги аҳдлашув ҳақида сўз бормоқда. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида ривоят қилинишича, Ҳудайбия водийидаги бир дарахт остида ҳозир бўлган бир ярим мингга яқин саҳоба Пайғамбар алайҳиссаломга қўл бериб, то бошларига ўлим соати келгунича у зотга содиқ бўлишга байъат-қасамёд қилишди. Қуръони карим уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам воситаларида Аллоҳ таолонинг Ўзига байъат қилганларини уқтиради ва бу байъат «Байъатур ризвон» деган ном олди. Байъат қилган эр ва аёл мусулмонлар адади 1300, 1400, 1500 киши эди, деган турлича ривоятлар бор.
Ҳудайбия сулҳи куни «Мушриклар Усмонни ўлдиришибди», деган миш-миш тарқалганидан кейин Пайғамбар алайҳиссалом карамли саҳобаларини ўзларига байъат қилишга чақирган эдилар.Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахти остида ўтирганликлари учун ҳам бу «Шажара (дарахт) куни» деб, байъат эса «Дарахт остидаги байъат» деб ҳам аталган. Саҳобалардан Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳу: «Дарахт куни» Пайғамбар алайҳиссалом одамларнинг байъатини қабул қилар эдилар, мен эса у кишининг бошларида бир шохни кўтариб турар эдим, ўшанда бир минг тўрт юз киши эдик», деган. Абу Синон Асадий исмли саҳоба биринчи бўлиб байъат қилган. Ҳар бир саҳоба Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўлларини тутиб туриб, уруш бўлиб қолса, қочиб кетмасликка, дин йўлида жон фидо қилишга аҳду паймон берган. Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга қўл бериб, аҳд-паймон қилишни Аллоҳ таолога байъат қилишдир, деб тушунтирмоқда. Иккинчидан, бу берилган байъат оддий байъат эмас, балки Аллоҳ таолонингЎзига берилган улуғ байъатдир. Шундай экан, ким аҳдини бузса, оддий байъатни бузган бўлмайди, балки Аллоҳга берган аҳдини бузган бўлиб, ўз зарарига улкан иш қилган бўлади. Албатта, бу байъатнинг бузилишидан Аллоҳ таоло зарар кўрмайди, чунки У беҳожат Зот. Зарарнинг барчаси байъатни бузган бандага бўлади. У банда Аллоҳнинг ғазабига ва жазосига учрайди. Аллоҳ таоло бандалари орасидан берган аҳдига вафо қилувчиларини яхши кўради. Шунингучун ҳам оятнинг охирида: “Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо ҳилса, унга тезда улкан мукофотни беради” деб таъкидламоқда. Бу мукофотлар эса охиратда жаннат боғларидаги роҳат-фароғат ичра мангу ҳаёт ва Парвардигорнинг розилиги ва жамолига мушарраф бўлишдир.

11. Ортда қолган аъробийлар сизга: «Молимиз ва аҳлимиз бизни банд қилди, биз учун мағфират сўрагин», дейишади. Улар қалбларида йўқ нарсани тиллари билан айтишади. Ай-тинг: «Агар Аллоҳ сизларга бирор зарарни истаса ёки сизга манфаатни истаса, ким сизларга Аллоҳдан бирор нарсага эга бўла оларди? Йўқ, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Қурайшнинг душманлик қилганини эшитиб, умумий сафарбарлик эълон қилганларида қалбида имони бор мусулмонлар бу даъватга “лаббай” деб жавоб беришди ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ортларидан эргашишди. Аммо баъзи имони заифлар ортда қолиб, бу сафарда қатнашишма-ди. Ортда қолганлар ичида аъробийлар, яъни саҳрода яшовчи кўчманчи арабларнинг Ғифор, Жуҳайна, Музайна, Ашжаъ, Аслам, Дайл ва бошқа қабилалари бор эди. Аслида улар қўрққанлари, жонлари ва моллари ўзларига азиз кўрингани учун сафарга чиқмай қолишганди. «Қурайш яқинда Муҳаммадни Уҳуд урушида мағлуб қилди, энди Муҳаммад уларнинг юртига бориб, нима ҳам қила олар эди?» деган шубҳада қолишган эди. Аммо Аллоҳ таолонинг ёрдами билан бу гал иш яхшилик билан тугаб, мусулмонларга зафар ёр бўлиб қайтишди. Шунда имони заиф хоинлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, узрхонлик қила бошлашди: «Бизни мол-мулкимиз ва аҳли-аёлимиз чалғитиб қўйди, яъни шуларни деб бора олмадик, узр, биз гуноҳкормиз, биз учун истиғфор айтинг (яъни Аллоҳдан гуноҳимизни сўраб беринг)», дейишди. Улар тилларида бу сўзларни айтишаётган бўлса ҳам дилларида бошқа фикрлар ҳукмрон эди: улар Муҳаммадга қўшилиб борсагу, у енгилиб қолса, бизга Қурайшдан катта зарар етиб қолади, деган фикрда қўшиндан ортда қолишган эди. Шунинг учун ҳам оятда бунга ишора қилиниб: «Агар Аллоҳ сизларга бирор зарарни истаса ёки сизга манфаатни истаса, ким сизларга Аллоҳдан бирор нарсага эга бўла оларди? Йўқ, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир», дейилмоқда.

12. Сизлар балки Пайғамбар ва мўминлар ҳеч қачон ўз аҳлларига қайтиб келмайдилар, деб ўйладингиз ва бу дилларин-гизга чиройли кўрсатилиб, ёмон гумон қилдингиз ва ҳалокатга учровчи қавм бўлдингиз.
Оламлар сарвари Муҳаммад алайҳиссалом Мадинадан Маккага қараб йўлга чиққанларида сафарларини халққа эълон қилиб, мусулмонларни ҳамроҳлик қилишга чорладилар. Саҳрода яшовчи аъробийларнинг қалбларида имон ҳали мустаҳкам ўрнашмагани учун улар бу юришда қатнашишга иккиланиб қолишди, “бу жангдан омон қайтмасак керак” деган ваҳимага тушишди. Парвардигор уларнинг аҳволларини Расули акрамга у зот ҳали Мадинага етмасларидан аввал билдириб қўйдики, сиз Мадинага борганин-гизда булар ҳузурингизга ёлғон узрларини восита қилиб келишади, ҳолбуки уларнинг бу узрхонлиги чин юракдан эмасдир. Улар дилларидаги нифоқнинг гуноҳ эканини билишмайди ва Аллоҳ уларни сафардаги баракот ва манфаатлардан маҳрум айлагани ҳам уларга маълум эмасдир. Бундай имони заифларга мол-дунёси ва аҳли аёлинингмашғул қилиб қўйгани бир баҳона экан.Улар Макка мушрикларини енгиш қийин, Муҳаммад ва унга эргашганлар бу сафарда албатта қирилиб кетишади, деб гумон қилишди. Бу ёмон гумон эди, улар бу билан ўзларининг мунофиқликларини билдириб қўйишди, ҳавойи нафслари уларнинг бу қилмишини ўзларига чиройли кўрсатиб қўйди. Уларнинг оқибати эса жуда аянчли бўлади: улар ҳалокатга учраб, Аллоҳнинг мангу азобига гирифтор бўлишади. Дарҳақиқат, ёмон гумон қилувчилар шундай оқибатга лойиқдирлар. Одамлар кўпинча ададга, қувватга, кишининг тутган мақомига қараб ҳукм чиқаришади, аммо асосий мезон бўлмиш имонни эсдан чиқариб қўйишади. Ваҳоланки, банданинг амали ва шаъни аввало унинг имонига қараб белгиланади.

13.    Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирмаса, Биз кофирларга албатта ловуллаган дўзахни тайёрлаб қўйганмиз.
Ушбу ояти карима барча мунофиқлар ҳамда имони заиф мусулмонларга қаратилган бўлиб, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига имон келтирмаганлар ҳақиқатан кофирлардир деб баҳоланмоқда ва Аллоҳ таоло уларга ловуллаб ёниб турувчи дўзахни тайёрлаб қўйгани хабари берилмоқда. Демак, кишининг имони бўлмаса, унинг бошқа ҳамма нарсаси бекор, бефойда. Пайғамбар алайҳиссалом даъват қилган юришдан бош тортиб, мусулмонлардан ортда қолганларнинг узр қилиб келтираётган сабаблари ҳам аслида бефойдадир. Ушбу бефойда нарсаларни деб, умумий сафарбарликдан қолиш энг катта аҳмоқлик ва нақадар улкан гуноҳдир!

14.    Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳникидир. Хоҳлаганини мағфират қилади, хоҳлаганини азоблайди. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Инсонлар шунга қатъий имон келтиришсинки, осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги фақат Аллоҳникидир. У осмонлардаги ва Ердаги, улар орасидаги жамики мавжудотларини Ўзининг илоҳий низоми асосида бошқаради, ризқ беради, лутфу марҳамат кўрсатади. У хоҳлаган бандасининг билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиради, хоҳлаганининг гуноҳини мағфират қилмай, охиратга қолдиради. Аллоҳнинг мағфиратига сазовор бўлиш учун эса ҳамиша Унинг амр-фармонларини бажариш, қайтарганларидан четда бўлиш лозим. Ҳар бир бандадан фақатУнингЎзидангина гуноҳларини кечиришини сўраб, раҳматидан умидвор бўлиш талаб қилинади.

15.    Ўлжаларни олиш учун жўнаб кетаётганингизда ортда қолганлар: «Сизларга эргашишимиз учун бизларга ҳам қўйиб беринглар», дейишади. Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўлишади. «Асло бизга эргашмайсизлар, Аллоҳ аввал шундай деган», деб айтинг. Улар: «Йўқ, бизга ҳасад қилаётирсизлар», дейишади. Йўқ, улар ниҳоятда кам тушунишади.
Яъни, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Ҳудайбиядан қайтганларидан сўнг Аллоҳ таолодан Хайбар ғазотига бориш ҳукми тушди. Чунки Хайбарда яшаб қолган яҳудийлар мусулмонларга берган аҳдномаларини бузиб, кофир қавмларни Мадинага ҳужум қилишга руҳлантиришган эди. Мадинадан чиқарилган яҳудийлар Араб жазирасининг катта ва кучли шаҳарларидан, Мадинадан икки юз чақиримча масофадаги Хайбарда тўпланиб, шаҳарни мусулмонларга қарши бутун арабларни оёқлантириш учун қурилган фасод ўчоғига айлантиришган эди. Ҳудайбия сулҳидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг 7 йили муҳаррам ойида (милодий 628) қўшин билан Хайбарга юриш бошладилар. Хайбарга бориб, яҳудийларга сулҳ таклиф қилдилар. Таклиф рад этилгач, қўшинни жангга чорладилар. Йигирма кунда яҳудийларнинг мустаҳкам қалъалари таслим бўлди.
Бу ояти каримада умумий сафарбарликдан четда қолганларнинг ҳақиқий башараси янада очиб ташланмоқда. Аллоҳ йўлида жанг қилишга чорланганида мусулмонларнинг мағлуб бўлиши ҳақида ёмон гумонга бориб, турли баҳоналар топиб, юришдан қолган бўлишса, Аллоҳ мўминларга зафар берганида улар душманни енгиб, қўлга туширган ўлжалари сари юришганида мол-дунёга хирс қўйган бу кимсалар ўлжа илинжида мусулмонлар билан жангга боришни истаб қолишади. Улар бу ишлари билан Аллоҳнинг сўзини ўзгартирмоқчи бўлишади. Ҳолбуки, Аллоҳуларнинг мусулмонларга эргашишларини истамаган эди. Бунга жавобан эса улар “Йўқ, сизлар ўлжаларни бизлар билан баҳам кўришни истамай, бахиллик қилаётганингиз учунгина жангдан қайтаряпсизлар” деб иддао қилишади. Ҳолбуки, улар Аллоҳнинг иродаси ва ҳикматини тушунмаганлари учун ана шундай гумон қилишади.

16. (Эй Муҳаммад), ортда қолган аъробийларга айтинг: «Яқинда катта кучга эга қавмга чақириласизлар, ё улар билан урушасизлар ёки улар мусулмон бўлишади. Агар итоат қилсангиз, Аллоҳ сизларга гўзал мукофот берур. Агар яна олдин қочганингиздек ортга қочсангиз, аламли азоб билан азоблайди».
Оятдаги “катта кучга эга” қавм деганда кимлар кўзда тутилаётгани ҳақида муфассирлар “Булар Бани Ҳанифа, Сақиф қабиласи ёки Абу Бакр Сиддиқ замонларида Исломдан қайтган муртадлар ёхуд форс қўшинлари бўлиши мумкин” деган фикрларни айтишган. Бу оятда кишиларнинг бузуқ нафсларини қандай тарбия қилиш йўллари кўрсатилмоқда. Саҳрода яшовчи аъробийлар нафслари бузуқлиги сабабли оммавий сафарлардан панада қолдилар, нафслари бузуқлиги туфайли ўлжаси тайин ва кўп бўлган жиҳодга бормоқчи бўлдилар ва яна нафслари бузуқлиги боис, Пайғамбар алайҳис-саломнинг юришдан қайтаришларини бахиллик ва ҳасаддан деб талқин этишди. Шунинг учун уларнинг ишларини узил-кесил бир ёқлик қилиш мақсадида уларга шундай таклиф қилинди: «Яқинда катта кучга эга крвмга чакрриласизлар, ё улар билан урушасизлар ёки улар мусулмон бўлишади. Агар итоат крлсангиз, Аллоҳ сизларга гўзал мукофот берур. Агар яна олдин крчганингиздек ортга крчсангиз, аламли азоб билан азоблайди». Яъни, агар даъволарингда рост бўлсангизлар, оз кун ичида ниҳоятда кучли-қудартли бир қавмга қарши жанг қиласизлар. Ўшанда сизларни даъват қилишади, садоқатингиз ўша кунда аён бўлади ва қилган ҳаракатларингизга муносиб равишда мукофот ёки жазо берилади.

17. Кўрга танглик йўқ, чўлоққа ҳам танглик йўқ, беморга ҳам танглик йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, уни остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритади. Ким юз ўгириб кетса, аламли азоб билан азоблайди.
Яъни, кўзи кўрмайдиган ожиз кишиларга, жанг қилишга ярамайдиган чўлоқ ва ногиронларга, касаллиги сабабли жанг қилишга қодир бўлмаган кишиларга жиҳод фарз эмасдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига меҳрибон ва раҳмли бўлгани учун уларни тоқатларидан ташқари ишларга, жанг қилишга буюрмайди. Бинобарин, кўр, чўлоқ ва бемор кишиларнинг узрлари ўзлари билан, улар оммавий сафарбарликка, жиҳодга, душманлар билан урушга чақирилмайди. Бу ҳолатларда гап Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат устида кетмоқда, шунинг учун ҳам ким амрга итоат қилса, остларидан анҳорлар оқиб турадиган ва мангу яшаладиган жаннатга эришади. Аммо ким бундан юз ўгириб, итоатсизлик кўрсататдиган бўлса, улар аламли азобларга дучор бўлишади.

18. (Эй Муҳаммад), Дарҳақиқат, Аллоҳ дарахт остида сизга байъат қилаётганларида мўминлардан рози бўлди. У ўшанда уларнинг дилларидагини билиб, уларга хотиржамлик туширди ва уларни яқин фатҳ билан мукофотлади;
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, мўминлар сизга дарахт остида байъат, яъни умрлари охиригача сизга содиқ бўлишга қасамёд қилишаётганида Парвардигорингиз улардан рози бўлди. Мўмин киши учун энг олий мукофот Парвардигорининг розилигига эришиш, Уни рози қилишдир. Аллоҳнинг Пайғамбарига юксак итоат намунасини кўрсатган ушбу байъат иштирокчилари ҳақиқатан қиёматгача тилларда зикр қилинувчи улуғ шарафга эришишди. Аллоҳ уларнинг дилларидаги садоқат, итоат, фидокорлик ва муҳаббат каби туйғуларни билгани учун уларга хотиржамлик-сакинатни тушириб қўйди ва уларни яқинда бўлажак ғалаба, яъни фатҳ билан тақдирлади.
Айрим муфассирлар ояти каримадаги “яқин фатҳ” деган жумладан мусулмонларнинг Хайбар ғазотида эришадиган галабалари назарда тутилади, дейишса, бошқалари Ҳудайбия сулҳидан кейин дунёнинг кўпгина мамалакатларида Ислом фатҳларининг бошланиб кетиши билан изоҳлашган.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сизлар фатҳни Макка фатҳи деб биласизлар. Ҳақиқатда Макка фатҳи ҳам бир фатҳ бўлган. Биз эса Ҳудайбия кунидаги Ризвон байъатини фатҳ деб биламиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир минг тўрт юз киши эдик. Ҳудайбия бир қудуқ эди. Биз унинг сувини бир қатра ҳам қолдирмай тортиб олдик. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борибди. У зот унинг олдига келиб, лабига ўтирдилар. Кейин бир идишда сув опкелтирдилар. Таҳорат қилдилар. Кейин оғиз чайқадилар ва дуо қилдилар. Кейин ҳалигини унинг ичига қуйдилар. Уни бироз қолдирдик. Кейин у бизга ўзимиз ва уловла-римиз истаганча сув чиқариб берди» (Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Дарахт остида байъат қилганлардан бирортаси дўзахга кирмайди», деганлар (Муслим ривояти); яна бир ҳадисда эса Набий алайҳиссалом Жобир розияллоҳу анҳу ва Ризвон байъатида иштирок этган бошқа саҳобийларга қарата: «Сизлар ер юзидаги энг яхши одамларсиз», деганлар.

19. ва улар оладиган кўпгина ўлжалар билан ҳам. Аллоҳ қудратлидир, ҳикматлидир.
Фатҳ бўлганидан кейин ҳарбий ҳаракатлар асносида ўлжалар ҳам қўлга тушади. Оятда уларни жиҳодда қатнашган мўминларги-на олиши таъкидлаб айтилмоқда. Бу ишларни юзага келтириш эса қудратли ва ҳикматли Зот бўлмиш Аллоҳ таолога осон ишдир. Оятдаги гаплар Пайғамбар алайҳиссалом билан Ҳудайбия юришида қатнашганларгина иштирок этган Хайбар юриши қатнашчиларига тааллуқли эди. Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ қўшин Ҳудайбиядан қайтганидан сўнг уларга кўп ўлжа тушган эди.

20. (Эй мўминлар), Аллоҳ сизларга ўзингиз оладиган кўпгина ўлжаларни ваъда қилди. Мана бунисини эса нақд қилиб қўйди ва одамларнинг қўлини сизлардан тўсиб қўйди. Токи мўминларга ибрат бўлсин ва сизларни тўғри йўлга бошласин.
Яъни, эй мўминлар, сизларга келажакда жуда кўп ғанимат-ўлжалар бўлиши ваъда қилингандир. Мана буниси - Ҳудайбияда эса, сизларга фатҳни ҳам, ўлжаларни ҳам нақд қилиб қўйди. Ҳақиқатан, Ҳудайбияда қатнашган зотлар кейин ер юзида кўплаб фатҳларни кўришди ва кўплаб ўлжаларни қўлга туширишди. Ҳудайбия сулҳи мусулмонлар учун катта имкониятлар ва буюк зафарларнинг дебочаси бўлди. Қурайш мушриклари мусулмонларга қарши уруш қилмоқчи бўлганида Аллоҳ уларнинг кўнглига сулҳ тузиш режасини солиб, уларни мусулмонларга зарар етказишдан тўсиб қўйди. Ҳудайбия воқеалар бошда мусулмонларга зарарли бўлиб кўринган эсада, аммо бунинг замирида илоҳий бир ҳикмат яширингган эди. Пайғамбар алайҳиссалом сулҳдан роса бир йил кейин Ҳудайбияда бўлган мусулмонларга умрага тайёргарлик кўришни айтдилар. Ҳижратнинг еттинчи йили зулқаъда ойида яна умра нияти билан Мадинадан чиқилди. Сарвари Олам билан бирга қазо умрасига қўшилган саҳобаларнинг сони икки мингга етган эди. Қурайшийлар мадиналик мусулмонларнинг Маккага келаётганларини эшитгач сулҳ ҳукмига биноан дарҳол шаҳарни бўшатишди. Етти йиллик айрилиқдан кейин муҳожирларнинг Маккага киришлари - ватанларига қовушишлари, болалик дамлари ўтган бўм-бўш уйларини кўришлари ўта ҳаяжонли бўлди. Мусулмонлар Ҳудайбия сулҳи билан қарорлаштирилган уч кунни Маккада ўтказдилар. Бу аснода мушриклар мусулмонларнинг бутун ҳолларини, бир-бирларига муносабатларини узоқ вақт диққат билан кузатиб туришди. Мусулмонларнинг бир йил олдин Каъбани зиёрат қилолмаганлари сабабли пайдо бўлган аввалги хафаликлари тарқаб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу қазо умралари маккаликларга катта таъсир ўтказди. Қурайш пешволаридан, Шомнинг бўлажак фотиҳи Холид ибн Валид, Усмон ибн Талҳа, Мисрнинг бўлажак фотиҳи Амр ибн Ос ана шу даврда Исломга кирган маккаликлардан эдилар. Булар Аллоҳнинг инояти билан Ҳудайбия сулҳи берган самаралардан эди. Шу ҳолда Ҳудайбия сулҳи шартномаси фақат уч йил амалда бўлди. Қурайшийлар баъзи моддаларни манфаатларига зид келган пайтда битимдан чиқардилар. Бу ҳам етмагандай, икки йил ўтмай, сулҳ ҳукмларига ҳурматсизлик кўрсатиб, уни буздилар. Пировардида, бу ҳол Макканинг фатҳ қилинишига йўл очди.

21. Ҳали сизлар қодир бўлмаган бошқаси ҳам борки, уни Аллоҳ иҳоталаб қўйган. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
Муфассирлар оятдаги фатҳларнинг «бошқаси» ҳақида турлича фикр айтишган. Фатҳ сураси Ҳудайбия сулҳи келгусида бир неча фатҳларга дебоча бўлган бир «фатҳи мубийн» (очиқ-ойдин фатҳ) эканини, Аллоҳ таоло наздида бу катта муваффақиятлигини эълон этди. Чунки Ҳудайбияда эришилган ютуқ мусулмонларга фатҳ ва зафар дарвозаларини очиб юборди. Тамоман сиёсий бир муваффақият бўлган Ҳудайбия сулҳидан сўнг Хайбар фатҳи, Макка фатҳи каби бир нечағалабаларга эришилди. Ҳатто Расули Акрамнинг вафотлари пайтида мусулмонлар бутун Араб ярим оролига ёйилди. Ҳудайбия сулҳидан олдин мусулмонлар билан мушриклар ўзаро ҳеч қандай муносабатда бўлишолмасди. Бу сулҳдан кейин эса, икки тарафламатижорий ва оилавий алоқалар кучайди. Расулуллоҳалай-ҳиссалом очиқ-эркин ҳолда мусулмонликни ёябошладилар. Қурайшлар ҳам тижорат ишларини анча кенгайтирдики, ҳатто кўплари мусулмонларнинг таъсири остида қолди. Мусулмон бўлганларнинг сони кўпайди. Ҳудайбия сулҳидан Макка фатҳига қадар ўтган икки йил ичида Исломга кирганларнинг сони янги дин келганидан бош-лаб Ҳудайбия сулҳигача ўтган ўн тўққиз йил ичида мусулмон бўлганларнинг сонидан бир неча марта ортиқ эди.

22. Агар кофирлар сизлар билан жанг қилганларида ортларига қараб қочган бўлишарди, сўнгра ўзларига дўст ҳам, ёрдам берувчи ҳам топа олишмасди.
Яъни, агар Ҳудайбияда уруш чиқиб қолгудай бўлса, бунда албатта кофир мағлуб бўлишарди. Бу муҳорабада кофирларга ёрдам берадиган мамадкор топилмасди. Аммо Аллоҳнинг ҳикмати ўртада сулҳ бўлишини ва бунинг баракотларидан мусулмонларнинг фойдаланишларини тақозо қилди. Дарҳақиқат, мўминлар ҳақиқий имонга эришишса, кофирлар доимо улардан енгилиб келган, улар билан тўқнашганда ортига қараб қочган. Аллоҳ таоло мўминларга доимо Узи дўст ва ёрдам берувчи бўлиб турган бир пайтда кофирларнинг бундай дўсти ҳам, мададкори ҳам бўлмайди.

23. (Бу) Аллоҳнинг аввалдан келаётган йўлидир. Аллоҳнинг йўлига эса ўзгартириш топа олмайсизлар.
Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва марҳаматига кўра мусулмонларнинг дўст тутиши, ҳар жабҳада уларга ёрдам кўрсатиши уларнинг имони шарофатидандир. Аллоҳ таоло имонли зотларни мана шундай қўллаб-қувватлаши У Зотнинг азалдан давом этиб келаётган суннати-йўлидир. Шу тариқа Аллоҳ азза ва жалла ҳақ аҳлини Ўзига дўст тутади, уларга ҳамиша ёрдам кўрсатиб, зафарни ёр қилади. Ботил аҳлига эса ёрдам бериш у ёқда турсин, уларга мағлубият ва мусибатни раво кўради. Аллоҳ таоло мўминларнинг ғалабасини ва кофирларнинг мағлубиятини Ўз суннатига боғлаб қўймоқда. Ҳақиқатан ҳам имон куфрдан, мўминлар кофирлардан ҳамиша устун келади. Тўғри, мусулмонларнинг зафари бироз кечикиши, ортга сурилиши ёки вақтинчалик мағлубиятлар бўлиши мумкин. Бу ҳоллар мўминлар шахсларидаги камчиликлар, имон тақозоси даражасида бўлмаслик, гоҳо ҳатто ақидадан чекиниб, хурофот-бидъатларга бе-рилиш, жаҳолатга кетиш сабабли ва яна Аллоҳнинг Ўзи биладиган бошқа ҳикматлар туфайли рўй беради.

24. У Макка водийсида сизларни улар устидан зафар қозонтирганидан сўнг уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган Зотдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
Оятдаги “Макка водийси” деганда Ҳудайбия назарда тутилган. Ҳудайбия воқеаси Ислом тарихида буюк аҳамиятга эга бўлгани учун Аллоҳ таоло ушбу сурада унинг васфига қайта-қайта эътибор қаратмоқда. Ислом динининг бу қабилалар орасида ёйилиши учун қурайшийлар билан келишувга, дўстлик муносабатларини йўлга қўйишга эҳтиёж бор эди. Расули Акрамнинг маккалик мушриклар билан тузган «Ҳудайбия сулҳ»лари шу жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга эди. Абдуллоҳ ибн Мағфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳ Қуръонда зикр қилган дарахт остида Пайғамбар алай-ҳиссалом билан ўтирган эдик. Дарахтнинг шохи Расулуллоҳнинг орқаларига тушиб турарди. У зот Алий ибн Абу Толибга сулҳ матнини айтар, у эса ёзар эди. Бирдан ўттиз нафарча йигит қуролларини чиқариб, бизга ҳужум қилиб қолди. Расулуллоҳ алайҳиссалом дуо қилган эдилар, улар жойларида қотиб қолишди. Ўрнимиздан туриб, уларни ушлаб келдик. Пайғамбар алайҳиссалом уларга: “Бировнинг аҳдига биноан келдингларми ёки кимдир сизларга омонлик бердими?” дедилар. Улар: “Йўқ”, дейишди. Ҳаммаларини қўйиб юборганларидан сўнг «У Макка водийсида сизларни улар устидан зафар крзонтирганидан сўнг...» ояти нозил бўлди» (Аҳмад ривояти).
Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Макка аҳлларидан саксон киши қуролланган ҳолларида Танъим тоғидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига ҳужум қилиш учун тушиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни асир олиб, яна қўйиб юбордилар. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятини нозил қилди”. Абдуллоҳ ибн Мағфал Музаний айтади: “Биз Худайбияда Аллоҳ Қуръонда зикр қилган дарахт ёнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Шу пайт бизга қараб ўттиз йигит қуролланган ҳолида кела бошлади. Улар бирдан олдимизда пайдо бўлишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарши дуо қилгандилар, Аллоҳ уларнинг кўзларини кўрмас қилиб қўйди. Кейин биз уларни ушлаб олдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Сизлар бирор кишининг буйруғи билан келдингизми? Бирор киши сизларга омонлик берганми?” дедилар. Улар: “Йўқ”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қўйиб юбордилар. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди”.

25. Улар куфр келтирган, сизларни Масжидул Ҳаромдан, қурбонликни эса ўз жойига етишидан тўсган кишилардир. Агар сиз билмаган мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бўлмаганида, билмай, уларни ўлдириб қўйишингиз туфайли сизларга зиён етиши бўлмаганида (Аллоҳ сизларни Маккага юришдан қайтармаган бўларди). Аллоҳ хоҳлаганини Ўз раҳматига киритиш учун (шундай қилди). Агар ажралиб олишганида улардан кофирларини аламли азоб билан азоблар эдик.
Макка мушриклари ўзларининг имон келтирмаганлари етмагандай, мусулмонларни Масжидул Ҳаромда ибодат қилишларидан тўсишди, уларнинг атаб қўйган қурбонликларини ўз жойида сўйишларидан ман қилишди. Уларнинг бу қилмишлари, яъни Байтуллоҳни зиёрат қилгани келаётган кишиларнинг йўлларини тўсишлари, Ҳаром ҳудудида қурбонлик қилишларини ман этишлари ҳеч қайси қоидага тўғри келмайди. Аллоҳ Ўзининг кудрати билан ана шу мушриклар бошига бало-мусибатларини ёғдириши мумкин эди, аммо шаҳарда кофирлардан қўрқиб, имонини яшириб юрган мўмин ва мўминалар ҳам бор эди. Агар урушга рухсат берилганида, мусулмонлар билмай ўша дин қардошларини ҳам ўлдириб юборишлари мумкин эди. Бу эса мусибат устига мусибат бўлар эди. Бунинг устига, «Мусулмонлар ўз диндошларини ҳам ўлдиришяпти» деган маломатга қолишар эди. Айни пайтда, кофирларнинг ичида ҳам кейинчалик Исломга кириб, ҳидоят йўлига ўтиши мумкин бўлганлар кўпчилик эди. Ҳақиқатан ҳам улар кейинчалик Макка фатҳидан сўнг мусулмон бўлиб, динга катта хизматлар қилишди. Яъни шу сабабли урушнинг олди олинди, уларнинг қўли сиздан, сизнинг қўлингиз улардан тўсилди. Оят охирида эса агар Макка аҳлининг кофир ва мўминлари бир-бирларидан ажраб турганларида Аллоҳ таоло улардан кофирларини аламли азоб билан тутиши муқаррар экани таъкидланади.

26. Ўшанда куфр келтирганлар қалбларида «ғурур»ни -«жоҳилият ғурури»ни жойлашганида Аллоҳ Ўз Пайғамбарининг ва мўминларнинг устларига хотиржамлигини туширди ва уларга тақво калимасини лозим кўрди. Улар бунга жуда ҳақли ва аҳл эдилар. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.
Макка мушрикларининг кучи ва ғайрати шунга етдики, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларини ўша йили умра ибодатини адо этишдан тўсиб қолишди. Уларнинг мусулмонлар билан тузган сулҳномаларида Мадинага ҳижрат қилиб борганлар Маккага қайтарилсин, ўша йили эмас, ундан кейинги йили умрага келишсин, Маккада уч кундан ортиқ туришмасин каби оғир шартлар бор эди. Мусулмонлар бу шартлардан қанчалар ғазабга киришмасин, Аллоҳнинг амрига, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига бўйсунишдан бошқа чора қилишмади, сулҳдаги шартларга рози бўлишди. Аллоҳ таоло уларнинг бу садоқатини муносиб мукофотлади: улар устига сокинлик туширди ва уларга тақво калимасини, яъни “Лаа илааҳа иллаллоҳ”ни муносиб кўрди. Оятдаги “ғурур” сўзи аслида ижобий маънода бўлиб, “ҳамият, ор-номусни ҳимоя қилиш” маъноларини англатади. Аммо бу оятдаги кофирларнинг жоҳилларча ўз айтганларини ҳимоя қилишлари кесатиқ маъносида «жоҳилият ғурури» деб аталмоқда. Чунки кофирлар том маънода жоҳиллик қилдилар. Нима бўлса ҳам айнан бизнинг айтганимиз бўлиши керак, деб туриб олдилар. Ҳолбуки, улар жоҳиллик учун ғурурларини кўрсатишди. Уларнинг акси ўлароқ мўминлар мутакаббирлик қилишмади, ғурур ва туғёнга кетишмади, ўзлари ё қабилалари учун ғазабга келишмади, балки ҳамма нарсани камтарлик ва осойишталик билан, Аллоҳнинг розилигини тилаб қилишди. Аллоҳ таолонинг уларга тақво калимасини раво кўрганининг ҳикмати ҳам шунда. Шунинг учун ҳам улар тақво калимасига ҳақли ва аҳл бўлганлар.

27. Қасамки, Аллоҳ Ўз Пайғамбарига тушни рўёбга чиқарди. Агар Аллоҳ хоҳласа, сизлар Масжидул-Ҳаромга албатта омонликда, сочларингиз қирдирилган ва қисқартирилган ҳолда қўрқмай кирасизлар. У сиз билмаган нарсани билди ва бундан олдин бошқа яқин фатҳни қилди.
Аллоҳ таоло ушбу ояти орқали мўминларга бир неча хушхабарни етказмоқда. У аввалига Ўз Пайғамбари кўрган тушни рўёбга чиқарди. Яна Аллоҳнинг Ўзи «иншааллоҳ» - «Аллоҳ хоҳласа» деган иборани ишлатиб, мўминларнинг умра ибодатини адо қилиш учун сочларини қирдирган ёки қисқартирган ҳолда Масжидул-Ҳаромга эсон-омон киришларинингхабарини ҳам бермоқда. Ҳақиқатан Аллоҳ бандалари билмаган нарсани олдиндан билади Унинг бу ваъдаси Ҳудайбия сулҳидан кейиноқ амалга ошди, Макка фатҳ қилинишидан олдин Парвардигорлари уларга Хайбар ғазотидаги фатҳ-ғалабани берди.
Сийрат китобларидан яхши маълумки, Расулуллоҳ алайҳиссалом Ҳудайбиядан Мадинаи мунавварага ҳижрий олтинчи йилнинг зулқаъда ойида қайтиб келдилар. Зулҳижжа ва муҳаррам ойлари ўтиб, сафар ойида Хайбарни фатҳ қилдилар. Еттинчи ҳижрий йил-нинг зулқаъда ойида, яъни роса бир йилдан сўнг Ҳудайбияда иштирок этган саҳобалар билан умрага отландилар. Зул-Ҳулайфа деган жойдан эҳром боғлаб, қурбонликларини ҳам ҳайдаб олдилар. Ривоятларда келишича, ўшанда Расулуллоҳ ўзлари билан олтмишта туя олган эканлар. Ҳаммалари бир бўлган ҳолда «лаббайка» айтиб йўлга тушишди. Марриз-Заҳрон деган жойга яқинлашганларида, Пайғамбар алайҳиссалом Муҳаммад ибн Саламани от ва қурол-лар билан олдинга жўнатдилар. Буни кўрган мушриклар “Расулуллоҳ ўртамиздаги ўн йилгача уруш қилмаслик аҳдини бузиб, бизга ғазот қилиб келяпти” деб ўйлаб, қўрқувга тушишди ва бу хабарни Макка аҳлига етказишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Марриз-Заҳронга келиб, Ҳарам белгилари кўринадиган жойга тушдилар ва қурол-аслаҳаларини Батни Яъжиж деган жойга юбориб, аҳдномада шартлашилганидек, қиличларини қинида сақлаган ҳолда Маккага қараб юрдилар. Улар йўлда кетишаётганида Қурайш томонидан юборилган Макраз ибн Ҳафс исмли киши келиб: “Эй Муҳаммад, бизлар сени аҳдни бузасан, деб ўйламаган эдик”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нега бундай деяпсан?” дедилар. У: “Бизнинг устимизга қурол-яроғ, найзалар билан келдинг”, деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ундай бўлгани йўқ, биз уларни Яъжижга юбордик”, дедилар. Ибн Ҳафс: “Биз сени шундайлигингча, яхшилик ва вафо билан таниган эдик”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошлиқ саҳобалар Маккаи мукаррамага кириб боришганда мушрикларнинг раҳбарлари уларни кўришга тоқат қила олмай, шаҳардан ташқарига чиқиб кетишди. Қолганлар эса - эркак-аёл, ёш-яланг, қария ва болалар йўл четига, томларнинг устига чиқиб, томоша қилиб ўтиришди. Саҳобалар Пайғамбари-мизнинг атрофларида «лаббайка»ни баралла айтиб, шаҳарга кириб келишди. Пайғамбар алайҳиссалом эса Ҳудайбия кунидаги туялари - Қасвони минган ҳолларида она шаҳарлари бўлмиш Маккага кириб келдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалари билан Марриз-Заҳронга келиб тушганларидаёқ қурайшликлар улар ҳақида «Очликдан тинкалари қуриб қолибди-ку» деб гап тарқатишган эди. Буни билган саҳобалар: «Миниб келган ҳайвонларимиздан сўйиб, гўштини еб, шўрвасини ичиб олсак, эртага анавиларнинг олдида тетикроқ турармидик», деб қолишди. Шунда Набий алайҳиссалом: «Ундай қилманглар, қолган овқатларингизни менга тўплаб келинглар», дедилар. Жамлаб келишди. Расули акрамнинг шарафлари билан Аллоҳ таоло йиғилган таомга барака берди. Тўйиб ейишди, ортиб қолганидан идишларини тўлдириб олишди. Сўнгра Расулуллоҳ алай-ҳиссалом юриб кетдилар. Каъбага яқинлашганларида қурайшлик-ларнинг Ҳижри Исмоил тарафдан ўзларини кузатиб туришганини кўрдилар-да, саҳобаларга: «Анави қавм сизда заифлик кўрмасин» деб, ридоларини қўлтиқлари остига қисиб олдилар-да, Ҳажарул асвад рукнини истилом қилдилар, Кейин паҳлавонларча катта-катта қадам ташлаб, ўзгача юриш қилиб кетдилар. Яман рукнига келиб, қурайшликларнинг кўзидан узоқлашганларида оддий юриш қилдилар. Уч тавофни шундай тарзда, қолганини оддий юриш билан қилдилар. Ушбу амал мана шу тартибда мусулмонларга суннат бўлиб қолди (Аҳмад ривояти). Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнингтушлари тасдиқланиб, келаси йили Маккаи мукаррама фатҳ қилинди. Шаҳарнинг барча аҳолиси Исломга кирди. Ислом дини шундан сўнг Арабистон ярим оролининг бошқа тарафларига ҳам тарқалди. Кейинчалик эса навбатдаги оятда баён қилинганидек, Аллоҳнинг ваъдаси юзага чиқиб, Ислом барча динлардан устун бўлди.

28. У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир. Гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.
Яъни, усул, фуруъ, ақоид ва аҳкомлар эътиборидан фақат Исломгина ҳақ ва тўғри диндир. Бу динни Аллоҳ мусулмонлардан ташқари юзларча бошқа миллат ва элатларга дин сифатида танлаган. Ислом дунёга ёйила бошлаганидан кейин бир неча аср мобайнида дунёнинг жуда кўп малакатларини қамраб олди. Дунёга танилган икки салтанат - Форс ва Рум империяларидан ғолиб келиб, турли ўлкаларда тарқалди. Ҳозирги кунда дунёнинг Ислом дини кириб бормаган бирор гўшаси, бирор овлоқ жойи йўқ. Дунё халқлари Исломни тинчлик, эзгулик, яхшилик, юксак ахлоқ дини сифатида таниб, кўплари бу дин билан шарафланишмоқда. Чунки дунёда фақат мусулмонларгина Аллоҳнинг ягона Ўзига ибодат қилишади. Дунёда фақат мусулмонларгина Аллоҳ таолога бошқа ҳеч нарсани шерик қилишмайди. Дунёда фақат мусулмонларгина Аллоҳни қўйиб, баъзилари баъзиларини «робб», «илоҳ» қилиб олишмайди. Ислом бандаларни бандага сиғинишдан Аллоҳга сиғинишга олиб чиққан ягона дин ва низомдир!

29. Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга қаҳрли, ўзаро раҳм-шафқатлидирлар. Уларни Аллоҳнинг фазли ва ризосини истаб рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасизлар. Юзларида сажда асоратидан аломатлар бор. Бу уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Инжилдаги мисоллари эса, худди уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўгонлашиб, поясида тик турган, деҳқонларни ажаблантирган, кофирларни эса ғазаблантирган бир экинга ўхшайди. Аллоҳ улардан имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларига мағфират ва улкан мукофотни ваъда қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларини, яъни пайғамбарликликларини инкор қилувчи мушрик ва кофирларга таъна ўлароқ, ушбу ояти карима у зотнинг Аллоҳнинг Расули, Унинг ваҳийларини етказувчи, охиратдаги жаннатийларга ваъда қилган жаннати хушхабарини берувчи, кофирларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи элчиси эканини таъкидлаш билан бошланмоқда. Ушбу суранинг олдинги оятлари тафсирида зикр қилинга нидек, Ҳудайбия сулҳи тузилаётганида Қурайш мушрикларининг вакили Суҳайл ибн Амр сулҳ матнидан «Муҳаммад Аллоҳнинг Расули» деган иборани ўзгартиришларини қатъий талаб қилиб туриб олган, «Биз сенинг Аллоҳнинг Расули эканингни тан олганимизда бу ишларни қилмас эдик» деган гапларни қилган эди. Ояти карима мушрикларнинг мана шу итоатсизлик ва қайсарликларига қақшатқич зарба бермоқда.
Ояти каримада Пайғамбар алайҳиссаломга эргашган имонли бандалар ва у зотдан кейин келадиган Ер юзидаги барча мўмин-мусулмон инсонларнинг сифатлари баёни келади. Дарҳақиқат, саҳобалар Аллоҳга куфр келтирган кимсаларга, улар ҳатто энг яқин кишилари бўлса ҳам, ниҳоятда қаттиққўл, қаҳрли, муросасиз бўлишган. Ўзларига ўхшаш имон эгаларига эса ўта раҳм-шафқатли, ҳар бир ишда дарров ёрдамга келадиган, меҳрибонлик кўрсатадиган бўлишади. Яна улар Аллоҳнинг фазли ва розилигини истаб, У буюрган ибодатларни тўкис адо этишади, рукуъ ва сажда каби арконларига тўлиқ риоя қилган ҳолда намозларини вақтида ўқишади. Улар дунё ҳаётида Парвардигорларига шунчалар кўп сажда қилишадики, бундан уларнинг пешоналарида сажда излари қолган бўлади. Мўминларнинг мана шундай сифатлари Аллоҳ нозил қилган Таврот ва Инжил каби самовий китобларда ҳам келган. Ушбу оятда Аллоҳ азза ва жалла мисол келтириб, Ислом динининг бошланиши, ёйилиши, камолга етишини бир донли экинга ўхшатмоқда. Дон ерга ташлангани каби Ислом ҳам Араб жазирасига нозил қилинди-туширилди. Уруғ ёрилиб, нурга талпингани каби Ислом ҳам бошқа ўлкаларга ҳам бўйлай бошлади. Экиннинг пояси қувватланиб, кучга тўлгани, ҳосил беришга шайлангани каби Ислом дини ҳам ёйилиб, мусулмонлар тобора кўпайиб, кучга кирди, Мадинада қурилган Ислом давлати аста-секин бутун дунёга тарқала бошлади. Экин ҳосилга кириб, деҳқонни қувонтиргани каби Ислом ҳам ана шундай ҳолатида мўминларни қувонтирди, кофирларни эса ғазаблантириб, қўрқувга солди. Парвардигорингиз Аллоҳ Исломни дин ўлароқ қабул қилган, У Зотга имон келтирган, Пайғамбарига эргашган, дунёда солиҳ-эзгу ишларни қилиб ўтган саодатманд бандаларининг дунё ҳаётида қилган кичик гуноҳларини кечириб, охиратда улкан мукофотларга сазовор бўлишлари ваъдасини берди. Исломга бешикдалигидаёқ биринчилардан бўлиб эргашган, дин йўлида молларию жонларини фидо қилган бу ажойиб инсонлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари эди. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон инсон карамли саҳобаларнинг ҳурматларини ўрнига қўйиши, уларга нисабатан асло беодоблик қилмаслиги лозим. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам кўп бор таъкидлаганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидан бирида: «Саҳобаларимни сўкманглар, нафсим “қўли”да бўлган Зотга қасамки, агар бирортангиз Уҳуд тоғидек олтин эҳсон қилсангиз ҳам улардан биттасининг бир муддига ёки ярим муддига (оғирлик ўлчови) тўғри келмайди», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти); Бошқа бир ҳадисда у зот алайҳиссалом шундай деганлар: «Юлдузлар осмоннингтаянчларидир. Юлдузлар кетганида осмонга таҳдид қилинган нарса келади. Мен саҳобаларимнинг таянчлариман. Мен кетгач, саҳобаларимга уларга таҳдид қилинган нарса келади. Саҳобаларим умматимнингтаянчларидир. Саҳобаларим кетишгач, умматимга уларга таҳдид қилинган нарса келади», дедилар» (Муслим ривояти).
Ушбу суранинг фазилати ҳақида шундай ҳадис бор: Зайд ибн Асламдан, у отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардаликларида Умар ибн Хаттоб кечаси у зот билан юрди. Умар ибн Хаттоб у зотдан бир нарса сўради, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермадилар. Умар яна сўради, у зот жавоб бермадилар. Умар яна сўради, у зот яна жавоб бермадилар. Шунда Умар ибн Хаттоб: “Онанг сени йўқотиб қўйгур Умар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уч марта безовта қилдинг, ҳар сафар сенга жавоб бермадилар”, деди. Умар айтади: “Шундан кейин мен туямни ҳайдаб мусулмонлар олдига келдим ва мен ҳақимда бирор оят нозил бўлишидан қўрқиб тургандим, бир кишининг баланд овозда мени чақираётганини эшитдим. Мен ўзим ҳақимда Қуръон (ояти) тушишидан қўрқдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламнинг олдиларига бориб, у зотга салом бердим. Шунда у зот: “Менга бу кеча бир сура нозил бўлдики, у мен учун устига қуёш тушадиган нарсаларнинг ҳаммасидан севимлироқдир”, дедилар ва кейин “Иннаа фатаҳнаа лака фатҳам-мубийнаа”ни ўқидилар” (Бухорий, Тер-мизий, Молик, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ривояти).

Орқага Олдинга