loader

056. Воқеа сураси

Маккада нозил бўлган, 96 оятдан иборат

Воқеа - Қуръони каримнинг эллик олтинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 96 оятдан иборат. Сурада қиёмат қойим бўли-ши ва ўша пайтда рўй берадиган даҳшатли воқеа-ҳодисалар ҳамда у кунда кишилар уч тоифага бўлиниб қолишлари ҳақида хабар беради ва сура давомида ҳар бир тоифанинг топажак оқибатлари баён этилади. Шунинг учун ҳам сура «Воқеа» (воқеъ бўлгувчи, яъни Қиёмат) деб номланган. Шунингдек, сурада дўзах даҳшатлари ва жаннат манзаралари батафсил зикр қилинади ҳамда охират ҳаётини инкор этувчи кимсаларга рад этиб бўлмас ҳужжатлар билан жавоб берилади. Сурада ҳар бир тоифанинг оқибати ҳақида сўз юритилиб, уларга Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган жазо ва мукофотлар ҳақида ҳам хабар берилади. Унда Аллоҳ таолонинг борлиги, ягоналиги ва қудратининг мукаммалиги, Унинг инсонни яратишдаги, набототниўстиришдаги, ёмғир ёғдиришдаги ва бошқа ишлардаги ажойиб тадбирлари ҳақида сўз кетади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)


1. Воқеа воқеъ бўлганида;
“Воқеа” ҳам қиёматнинг номларидан биридир. Яъни, қиёмат қойим бўлганида, ҳамма кутган воқеа рўй берганида бу улуғ илоҳий ваъданинг содир бўлганига ишонмайдиган жонзот қолмайди. Инсонларга ҳаёт муҳлатининг тугаётгани, қиёмат куни тобора яқинлашаётгани ҳақида хабар берувчи оят-аломатларнинг аён қилиниши ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидир. Ушбу аломатлардан ибрат олган инсонлар шояд ўзларини ўнглаб олсалар, охиратларига тайёргарлик кўрсалар, гуноҳларига астойдил тавба-тазарру қилиб, Парвардигорларига тоат-ибодатни кўчайтирсалар деган илоҳий огоҳлантиришдир. Холиб ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилдилар. Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, шундай сўз бошладилар: “Дунё узилишини эълон қилди, кавушини орқага бурди. Ундан (дунёдан) фақат бир томчи қолди. Бу худди эгаси охирги томчисини ичаётган идиш (тубидаги) томчи кабидир” (Аҳмад ва Ибн Жарир ривояти).

2. унинг воқеълигини ёлғонга чиқарувчи йўқдир.
Қиёматнинг воқеъ бўлишига ҳамма ишонади, махлуқотнинг бундан бошқа иложи ҳам йўқ, унинг бўлишини ёлғонга чиқарув-чи бирор кимса бўлмайди. Дунё ҳаётида бунга ишонмай юрганлар охиратда ишонмасликка сабаб-баҳона топа олишмайди. Қиёмат Қуръони каримда бир неча ном билан, жумладан Қиёмат, Соат, Явмул-ҳисоб, Охира, Томма, Сохха, Ҳоққа, Воқеа ва бошқа номлар билан аталган. Охиратга, яъни қиёматга ишониш имоннинг яна бир шартидир. Қиёматга ишониш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда охират ҳақида келган барча нарсаларга: қабрда икки фариштанинг савол қилишига, қабр азоби ва неъматига, қиёмат куни олдидан бўладиган аломатларга, қайта тирилишга ва ҳамма-нинг тўпланишига (ҳашрга), номаи аъмолларнинг берилишига, ки-шининг савоб ва гуноҳлари ҳисоб қилинишига, мезон (тарозу)га, ҳавзга, сиротга, шафоатга, жаннат ва дўзахга, уларнинг аҳлларига ҳозирланган неъмат ва азобларга ишониш демакдир. Қиёмат Исрофил алайҳиссаломнинг биринчи сур чалиши билан бошланади ва шу тариқа дунё ҳаёти тугайди.

3. У пастлатувчидир, кўтарувчидир.
Қиёмат инсонларнинг бир тоифасини пастлатиб ер каби тубан қилади, бошқасини кўкка кўтариб, юксакларга тенг қилади. Бу икки тоифанинг биринчиси дунё ҳаётида Аллоҳга, Пайғамбарига, Китобига ишонмаган, буларни инкор қилган кофир қавмлар, гуноҳкорлардир, ваҳоланки улар одамлар орасида ўзларини баланд мартабали, обрўли, бадавлат ва мансабдор санашарди. Иккинчиси эса Аллоҳга имон келтириб, ҳаётини тақво ва солиҳ амаллар билан ўтказган мўмин инсонлардир, ҳолбуки улар дунёда одамларнинг назарига кирмаган, ҳоксор ва мазлум ҳолда яшаб ўтишганди. Қиёмат келганида куфри ва гуноҳи сабабли ана шу пастлатилганлар дўзахга ташланади, Аллоҳдан қўрқиб, имон ва солиҳ амал билан ўтганлар жаннат боғларига йўл олишади.

4. Ер қаттиқ ларзага келтирилганда;
Қиёмат кунидаги ҳолатни тасвирлашга тил ожизлик қилади, сўз топилмайди. Ўша куни содир бўладиган воқеалардан энг даҳшатлиси Ернинг қаттиқ ларзага келиши бўлади. Бу ҳақда Абу Ҳомид Ғаззолий шундай ёзади: “Эй мискин, муддати узун, султони қаҳрли, вақти яқин у Кунга ҳозирлигингни кўр... Ўша куни Ер ёйилиб, текис бўлиб қолади. Ер даҳшатли бир силкиниб, бағридаги хазиналар ва инсонларнинг жасадидан иборат “юк”ларини ташқарига чиқариб ташлайди. У Кунда одамлар қилган амалларининг жазо ёки мукофоти кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келадилар. У Кунда Ер ва тоғлар зўриқиб, бир дафъада портлаб кетади. Ана шунда қиёмат воқеъ бўлади”. Энди бир тасаввур қилинг: оддийгина ер қимирлаши - зилзила содир бўлганида инсонлар даҳшат ва ваҳимадан қочгани жой топа олмай қолишадию, агар ер қаттиқ ларзага келиб, ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетганида уларнинг ҳоли не кечаркин?

5. ва тоғлар титилиб кетганда;
Қиёмат қоим бўлганида Еру осмон айқаш-уйқаш бўлиб кетади, унинг шиддатидан инсонлар кўз ўнгида салобат билан қоқилган қозиқдек мустаҳкам турган зил-замбилдай тоғлар ҳам жойидан жилиб кетади. Майдаланиб-титилиб, худди пар каби учиб юрадиган бўлиб қолади.

6. чанг-тўзонга айланганда;
Улуғворлик, мустаҳкамлик ва абадийлик тимсоли бўлган баҳай-бат тоғлар майдаланиб кетганида чанг-тўзонга айланиб, осмонда ғубор каби тўзиб-учиб юради.

7. сизлар уч тоифа бўласизлар;
Ушбу оятда келишича, қиёмат куни одамлар уч тоифага бўлинган ҳолда бўлишади. Биринчиси - дўзахийлар, иккинчиси - умумий жаннатийлар, учинчиси - Аллоҳга яқин хос бандалар бўлиб, улар жаннатда энг олий мақомда бўлишади. Бир тоифа Аршнинг ўнг тарафида туради. Улар Одам алайҳиссаломдан мийсоқ (ваъда) олинган вақтда унинг ўнг томонидан чақирилган эди ва номаи аъмол-лари ўнг тарафидан бериладиганлардир. Улар жаннат аҳлларидир. Яна бир гуруҳ Аршнинг чап тарафида туради. Улар Одам алайҳис-саломнинг чап томонидан чақирилганлар бўлиб, номаи аъмоллари чап тарафларидан бериладиганлардир. Дўзах аҳлининг аксарияти айнан ўшалардир. Энг олий тоифа - пешқадамлар тоифаси эса Аллоҳ таолонинг рўбарўсида бўлади. Улар хос, Аллоҳга яқин кишилар бўлиб, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва уларга қўшилганлардан иборатдир. Абу Қосим Абу Амома Бохилийдан, у Пайғамбар алайҳиссаломдан шундай ривоят қилади: «Ўнг қўл фариштаси чап қўл фариштасидан омонатдордир, банда яхши амал қилса, унинг яхши амали учун ўнта савоб ёзади. Агар ёмон амал қилса, чап томон соҳиби ёзишни хоҳлаган вақтида ўнг томон соҳиби “тўхтагин” дейди. Олти ва етти соат тўхтаб туради. Аллоҳдан истиғфор сўраса, унга ҳеч нарса ёзмайди. Агар истиғфор сўрамаса, унга ўша қилган битта гуноҳини ёзади».
Бундан кейинги ояти карималарда юқорида тилга олинган ана шу уч тоифанинг таърифи келади. Биринчи тоифа:

8. ўнг томон эгаларидир, ўнг томон эгалари кимлар?
Яъни, ушбу оятда қиёмат куни номаи аъмоллари ўнг томонидан бериладиган жаннатийларнинг кимлиги ҳақида хабар бериляпти. Улар одамизоддан мийсоқ олинган пайтда Одам алайҳиссаломнинг ўнг томонидан чақирилишган. Улар қиёмат куни мушарраф бўла-диган бахт ва баракотнинг таърифига сўз ожиз. Улар ҳамма таҳли-када турадиган қиёмат куни Аршнинг ўнг томонида бўлишади.

9. ва чап томон эгаларидир - чап томон эгалари кимлар?
“Чап томон эгалари” - номаи аъмоллари чап тарафидан берилган ва Аршнинг чап тарафига жойлаштириладиган кимсалардир. Табарий тафсирида келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ҳар бир киши учун икки фаришта қўйилади. Иккови у банданинг амалларини ёзади, ўнг томон соҳиби Амин чап томон соҳибидан устундир. Агар банда бир ёмон ишни қилса, чап томон фариштаси ундан: «Ёзайми?» деб сўрайди. Ўнг томон фариштаси: «Бешта гуноҳ қилгунича тўхтаб тургин», деркан. Вақтики бешта гуноҳ қилса, чап томон соҳиби: «Ёзайми?» деб сўрайди, ўнг томон соҳиби: «Битта яхшилик қилгунича тўхтаб тургин», дейди. Вақтики битта яхшилик қилса, ўнг томон соҳиби айтади: «Албатта, бизга хабар келдики, битта яхшиликка ўнта яхши-лик ёзилади, келгин, бештасини бешта яхшилик билан ўчирамиз ва қолган бешта яхшилигини яхшиликларига қўшиб ёзамиз». Шу пайтда шайтон қичқирганча: « (Бу аҳволда) қачон Одам фарзандига етаман», дейди”.

10. пешқадамлар, пешқадамлар;
Учинчи тоифа охиратдаги энг саодатли бандалардир. Улар пешқадамлар тоифаси бўлиб, бу дунёда имонга киришда, Аллоҳ таолонинг ибодати ва тоатида бошқалардан кўра пешқадам бўлганлардир. Улар тавбада ва яхшилик ишларида ҳам пешқадамлик қилишади.

11. улар яқиндирлар;
Яъни, Аллоҳ таоло ҳузурида юқори мартабага эга бўлган, У Зотга муқарраб - энг яқин бўлган кишилардир. Бу жамоа камолотда, илм ва тақвода ўнг томон эгаларидан ўзиб кетган зотлар, яъни расул ва набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлардир. Шунинг учун улар Аллоҳга яқинлик ва иноят мартабасида бошқалардан устун бўлишади.

12. неъмат жаннатларидадир.
Аллоҳга яқин бўлган жаннатий бандалар Наъим (неъмат тўла) жаннатларида инсон кўзи кўриб, қулоғи эшитмаган, унинг хаёлига ҳам келмайдиган турфа неъматлар ичра бўлишади. Бу неъматларнинг саноғига етиш ҳам қийин. Жаннатда улар учун биридан зилол ва таъмли сув, бошқасидан оппоқ сут, яна биридан мусаффо асал, биридан маст қилмайдиган май оқиб турувчи анҳорлар бўйида, соя-салқин баланд сўриларда ястаниб ётишади. Турли таомлар солинган лаганларни кўтариб олган ёш хизматкорлар улар атрофида айланиб юришади. Улар жаннати Наъимда, яъни неъматлари кўп жаннатда бўладилар. Улар учун гўзалликда тенги йўқ, оппоқ ва гўзал қизлар, яъни оҳу кўзли ҳурлар яратиб қўйилган.

13. Аввалгилардан кўпчилик;
Жаннатда энг олий мақомларга мушарраф қилиниб, Аллоҳга яқин бўлган пешқадамлар ичида олдин ўтган мусулмонлар авлодининг вакиллари кўпчилик бўлади. Баъзи муфассирлар ушбу оятда ирода қилинган пешқадамларни Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларига нисбат беришган. Улар ҳар ишда пешқадамлардан бўлишди, тақво ва диёнатнинг чўққиси, Аллоҳга юкуниш ва ихлоснинг рамзи, илм ва амалнинг машъали, даъват ва ҳаракат шамчироғининг пилиги эдилар. Улар эгалламаган бирор яхши хислат, улар етиб бормаган етуклик қолмаган дунёда. Саҳобалар нубувват хазинасидан олган покиза, мусаффо меросни ўзларидан кейинги тобеъинларга қолдиришди. Бундаги уларнинг санади (боғланиши) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали жаброил алайҳиссаломга, у зот орқали бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ азза ва жаллага боғланадиган саҳиҳ олий санад эди. Кейин бу тўғри йўлдан тобеъинларга эргашувчилар (табаъ тобеъинлар) юришди, яхши сўзга, мақталган йўлга ҳидоятланишди.

14. ва охиргилардан озчилик;
Яъни пешқадамлик даражасига, Аллоҳ таолонинг рўбарўсида туришдек олий мақомга кейинги авлодлардан озчилик сазовор бўлар экан. “Аввалгилардан кўпчилик” ҳам, “охиргилардан озчилик” ҳам икковлари ушбу умматдандир. Чунончи, “Руҳул-маъоний” тафсирида келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар: “Ҳума жамиъанмин ҳазиҳил уммати”, яъни уларнинг ҳар иккиси мана шу умматдандир”.

15. тўқима сўриларда;
Ўша пешқадамлар тоифаси учун жаннатда олтиндан дур ва ёқут аралаштириб тўқилган сўрилар тайёрлаб қўйилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деган: “Сўрилар дур, ёқут ва забаржаддан безалган бўлади. Бу сўриларнинг ҳар биттаси Санъодан Жобиятгача ва Адандан Айлагача оралиқ масофа катталигичадир”.

16. улар устида ёнбошлаган, юзма-юз ҳолда;
Яъни, жаннатга кириш шарафига эришган пешқадамлар у ерда дур ёқутлардан аралаштириб тўқилган сўрилар устида бир-бирларига қараган ҳолда ёнбошлаб-ястаниб суҳбат қуришади ва роҳатланишади. Оятда сўрилар «тўқима» дебгина сифатланган бўлса ҳам ривоятларда уларнинг олтин, дур ва ёқут аралашмаси-дан ясалгани айтилади. Бир-бирларига юзланиб, қараб туриш ҳам жаннат аҳлига берилган юксак одоб-ахлоқ ва роҳат-фароғатдир.

17. атрофларида мангу ёш йигитчалар айланиб юришади;
Жаннат аҳлига хизмат қиладиган ёш хизматкор йигитчалар асло қаримайди, хизмат қилишдан бўйин товламайди, қўлларидаги таом, мева-чева солинган лаганлар билан ҳамиша жаннатийлар атрофида айланиб-ўргилиб юришади.

18. оқар чашма майи тўла қадаҳ, кўза ва косалар билан.
Жаннат аҳлининг хизматида ҳамиша ҳозиру нозир, чарчамайдиган ёш хизматкорлар жаннат чашмаларидан тўлдирилган қадаҳ, кўза ва косаларни кўтариб юришади. Уларнинг асосий вазифаси жаннатийларга оқар чашмалардан май тўлатилган қадаҳ, кўза ва косаларда жаннат шаробини жаннат аҳли бўлган пешқадамларга тутиш бўлади. Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннатда тўртта чашма бор, иккитаси Аршнинг остидан оқади. Уларни Аллоҳ Ўз Китобида васф қилган. Яна икки чашма Аршнинг юқорисидан оқади. Бири Аллоҳ зикр қилган “салсабил”, иккинчиси “тасним”дир”.

19. Ундан бош оғриғи ҳам, маст ҳам бўлишмайди.
Одатда бу дунёда майхўрлик қилган кимсалар ичган хамрларининг зарарларидан доимо шикоят қилиб юришади. Маст бўлиб олиб, инсонийлик қиёфасини йўқотадилар, ҳурмат ва обрўлари тўкилади, хамр ичганларидан кейин бошлари қаттиқ оғрийди, кўнгиллари айниб, еган-ичганларини чиқариб ташлашади, аста-секин соғликларини йўқотишади, турли хасталикларга мубтало бўлишади. Жаннатдаги майдан ичилганда эса мазкур нохуш ҳолатлар мутлақо рўй бермайди. Жаннатийларнинг у ердаги шаробдан таъсирланиб, бошлари ҳам оғримайди, маст бўлиб шармандалари ҳам чиқмайди.

20. Ва хоҳлаган меваларни олишади;
Мангу ёш хизматкор йигитчалар жаннат аҳлидан бўлган пешқадамлар олдида қўлларида турли сархил ва лаззатли мевалар солинган лаганлар билан айланиб юришади. Жаннат аҳли улардан хоҳлаганини олиб ейди, мевалар асло камаймайди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо мевалар жаннатийлар истагига кўра янги узилган ҳўл ҳолида ва қуритилган ҳолида ҳам бўлишини айтган.

21. иштаҳалари тортган қуш гўштини ҳам.
Жаннатдаги энг олий мартабага сазовор бўлган пешқадамларга хизмат қилувчи мангу ёш йигитчалар уларнинг атрофларида май-шароб, улар истаган турфа хил мевалардан ташқари жанна-тийларнинг кўнгли тусаган қуш гўштларини ҳам лаганларга солиб, айланиб юришади. Пешқадам жаннатийлар улардан хоҳлаганларини олиб, тановул қилишади. Пишган парранда гўшти дунёда инсонларга қанчалик лаззатли ва оромбахш бўлса, буларнингжан-натдаги роҳат-лаззати минг чандон ортиқроқ бўлади. Ҳадисларда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Кавсар нима?” деб сўрашди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло жаннатда менга берган дарёдир, у сутдан оқ, асалдан ширин, унда бўйинлари туянинг бўйнидай келадиган қушлар бор”, дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Бу аниқ ҳузур-ҳаловат-ку!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни ейиш бундан ҳам ҳузур!” дедилар (Термизий ривояти).

22. Яна оҳукўз ҳурлар бор;
Жаннатда пешқадамлар учун тайёрлаб қўйилган неъматлар орасида ниҳоятда гўзал, кўзлари оҳуникидай қуралай ҳурлар борки, уларни тўла таърифлашга инсон сўзи ожизлик қилади. Абулқосим Хаталий айтади: “Ато Салмий шайх Молик ибн Динорга: “Бизни шавқлантиринг!”деди.Молик:“Эй Ато,жаннатда бир ҳур бор,унинг гўзаллиги билан жаннат аҳли бир-бирларига фахрланадилар. Агар Аллоҳ таоло жаннат аҳлига ўлмасликни ёзмаганида (яъни, жаннатда ўлим бўлганида) унинг гўзаллигидан ҳамма жон таслим қилиб юборарди”, деди.

23. мисоли яширилган марварид каби.
Оятда ҳурлар бежизга яширилган марваридга ўхшатилмаяти. Марварид денгиз қаърида бўлади, бўлганда ҳам ўта қаттиқ чиғаноқ ичига жойлашган. Уни топиб чиқиш учун ғаввослар денгизга шўнғиб, чиғаноқни олиб чиқишади ва минг машаққат билан унинг ичидан марварид донасини ажратиб олишади. Жаннат ҳурлари ҳам ана шу марваридлар каби оппоқ, чиройли ва инсон кўзи тушмайдиган жойга яширинган бўлади. Баъзи муфассирлар “Ҳурлар васфидаги оқликдан мурод марвариддир, чунки Аллоҳ таоло “мисоли яширилган марварид каби” оҳукўз ҳурлар борлигини айтган”, дейишади.

24. Қилиб юрган амалларининг мукофотидир.
Юқоридаги оятларда зикр қилинган кўплаб неъматлар ва олий даражалар Аллоҳга бандаликда, тоат-ибодатда пешқадам бўлган мўмин бандаларга аталган. Буларнинг ҳаммаси уларнинг аввалги ҳаётларида - синов даврида қилган солиҳ амалларига Аллоҳ таоло тарафидан ваъда қилинган улкан мукофотлардир. Суҳайб розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Чиройли амал крлибўтган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир” (Юнус, 24) оятини тиловат қилиб, шундай дедилар: “Жаннат аҳли жаннатга кирса, нидо қилувчи “Эй жаннат аҳли, сизлар учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида ваъда бор!” деб нидо қилади. Улар “У нима экан? Дарҳақиқат,У юзимизни ёруғ, мезонимизни оғир қилиб бизларни жаннатга киритди-ку!” дейишади. Бу уларга уч марта айтилади. Сўнгра Аллоҳ таборака ва таоло уларга тажаллий қилади, шунда улар Унга қарашади. Бу нарса уларнинг ҳузурида берилган нарсаларнинг энг улуғи бўлади” (Абу Довуд ривояти).

25. Улар унда беҳуда, гуноҳ(сўз)ни эшитишмайди.
Яъни, жаннатга мушарраф қилинган пешқадамлар у ерда ҳамма жиҳатдан энг олий мақомда, юксак даражада бўлишади. Жаннатийларнинг қалбларидаги ғилли-ғашликлар чиқариб ташлангани учун жаннатда беҳуда сўзларни, ғийбат ва ёлғон, фаҳш ва ёмон гапларни мутлақо эшитишмайди. Уларнинг суҳбатлари дунё ҳаё-тида ўзлари қилган солиҳ амаллар, Парвардигорларининг зикри ҳақида кечади. Уларнинг еган-ичганлари ёки ўтирган-турганлари, аҳли-аёлларию кўрган-билганлари роҳат бўлибгина қолмай, балки эшитадиган нарсалари ҳам қулоққа ёқадиган, роҳатбахш нарсалардан иборат бўлади.

26. «Салом, Салом!» деган сўз мустасно.
Жаннат билан шарафланган пешқадамларни жаннат қўриқчилари “Сизларга салом бўлсин, хуш келибсизлар, унга кириб мангу қолинглар!” деган сўзлар билан қарши олишади. Жаннат аҳлига ҳар томондан фақат «Салом» деган сўзгина эшитилади. Жаннатийлар бир-бирларига салом беришади, фаришталар ҳам уларга салом беришади, жаннат аҳлига Аллоҳ таолонинг саломи ҳам етказиб турилади.

27. Ўнг томон эгалари; ўнг томон эгалари недир?
Бандаларнинг номаи аъмоллари - уларнинг тоат ва гуноҳлари ёзилган китобнинг ва бандалар ҳисобга тортилишининг ҳақлигига ишониш Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг бир қисмидир. Қиёматда мўминларнинг номаи аъмоллари ўнг томонларидан, кофирларнинг номаи аъмоллари орқа ва чап томонидан берилиши ҳақдир. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: «Ана энди кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса, демак, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб ҳилинади ва ўз(ининг жаннатдаги) аҳли-оиласига шоду хуррам ҳолда ҳайтади. Энди кимнинг номаи аъмоли орҳа томонидан берилса, шунда у ўлимни чаҳириб ҳолади ва дўзахга киради. Дарвоҳе, у (ҳаёти дунёдалик пайтида) аҳли-оиласида (ўз куфру исёни билан) шоду хуррам эди. Албатта, у ўзининг ҳеч крчон (Парвардигори ҳузурига) ҳайтмаслигига ишонар эди. Йўк» Парвардигори уни шубҳасиз кўриб турувчи эди» (Иншиқоқ, 7-15). Ҳар бир кишининг қилган ишлари унинг икки томонидаги фаришталар (кироман котибийн) томонидан ёзиб борилади. Қуръони каримда бундай мазмунли оят келган: «Биз Қиёмат куни унга очик, ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (номаи аъмолини) кўрсатурмиз» (Исро, 13).

28. Улар тикансиз сидрзорлардадир;
Ўнг томон эгалари жаннатда тикансиз сидр дарахтлари остида бўлишади. Сидр - ҳушбўй ҳидли бута бўлиб, араблар бу ўсимликни ҳиди учун яхши кўришади. Аммо унинг тикани жуда кўп бўлади. Сафвондан келтирилишча, Солим ибн Омир қуйидагиларни ривоят қилган: «Бир куни саҳровий араб (аъробий) кириб келдида: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло одамларга озор берадиган дарахтни жаннатда зикр қилибди, ваҳоланки мен жаннатда азият берувчи дарахт бўлмаса керак, деб ўйлагандим”, деди. Расулуллоҳ алайҳис-салом: “У нима экан?” деб сўрадилар. Аъробий: “Сидрни. Унда озор етказувчи тиканлар бўлади”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳтаоло «Фии сидрим махзууд», яъни «Улар тикансиз сидрзорлардадир», деган-ку! Уни тикансиз қилган Зот ҳар бир тикани ўрнига мева чиқаради. Ҳар бир мева етмиш икки рангда товланади, таъми бир-бирига ўхшамайди” (Ибн Муборак ривояти).

29. сермева бананзорлардадир;
Ўнг томон эгалари жаннатда бошқа турфа хил мевалар қатори мевасини қуюқ қилган бананзорларда ҳам бўлишади ва хоҳлаганларича бу мевадан ейишади. Муфассирлар шундай дейишган: “Бананни араблар ранги яшиллиги учун гўзал дарахт ҳисоблашган. Бу оятда айнан бананни хослаб зикр қилинишига сабаб шуки, қурайшликлар сидрзор ва банан дарахтининг сояси кўплиги ва ям-яшиллиги учун қизиқишар, яхши кўришар эди. Шунинг учун ёқтирган нарсаларига ўхшаши билан уларга хитоб этилиб, жаннатдагиси ҳам ваъда қилинди”. Молик ибн Анас айтади: “Дунёдаги банандан бошқа бирорта мева жаннат меваларига ўхшамайди. Чунки Аллоҳ тао-ло жаннат мевалари ва сояларини доимий, деган (Раъд, 34). Фақат банангина қишин-ёзин пишиб ётади”.

30. ва ёйиқ соялардадир;
Номаи аъмоллари ўнг томонларидан берилган жаннатийлар у ерда ҳамиша кенг ёйилган соялар остида бўлишади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳтаоло: “Мен солиҳ бандаларим учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва ҳеч бир инсоннинг хаёлига келмаган нарсаларни тайёрлаб қўйдим” деяпти. Агар хоҳласангиз, “Улар учун беркшпиб кўйилган кўзлар кувончини (яъни жаннат неъматларини олдиндан) бирор жон билмас” (Сажда, 17) оя-тини ўқингиз. Жаннатда бир дарахт борки, суворий унинг соясида юз йил юрса ҳам кесиб ўтолмайди. Агар хоҳласангиз, “ва ёйилган соялардадирлар” оятини ўқинглар” (Бухорий ривояти).

31. ва оқар сувлардадир;
Ўнг томон эгалари учун атаб қўйилган жаннатда булоқ ва анҳорларнинг суви фаввора каби отилиб чиқади ва бир зум ҳам тўхтамай оқиб туради, улар сувининг таъми шунчалар ширин ва тотлики, бу дунёдаги сувларга асло ўхшамайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннатда юзта даража бор, уни Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчилар учун тайёрлаб қўйган. Ҳар икки даражанинг ораси Ер билан осмончадир. Агар сўрасанглар, Фирдавсни сўранглар, чунки у жаннатнинг энг олийи ва баландидир. Унинг шифти - Аллоҳнинг Аршидир. Ўша ердан жаннат дарёлари оқиб чиқади” (Бухорий ривояти).

32. ва сероб мевалардадир;
Ўнг томон эгалари учун жаннатда турфа мевалардан мўл-кўл тайёрлаб қўйилган. Уларнинг хили ва миқдорини Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот билмайди. Ибн Журайж айтади: “Юқоридаги икки жаннат пешқадам, муқарраб бандалар учундир, у ерда ҳар бир мевадан икки нав бор ва остларидан булоқлар оқиб туради. Пастдаги икки жаннат эса ўнг томон эгалари учундир, у ерда турфа мева, хурмо, анорлар, отилиб турувчи булоқлар бор”.

33. тугамайдиган ва ман қилинмайдиган;
Жаннатда ўнг томон эгаларига ваъда қилинган меваларнинг миқдори шунчалар кўпки, улар абадий, сира тугамайди ва бирор нарса жаннатийнинг ундан олишига тўсқинлик қилмайди. Одатда бир одамда бирор нарсанинг сероблигини англатиш учун «Фалон-чи бойликнинг ёки неъматларнинг ичида» деймиз. Худди шунингдек, юқоридаги ояти карималарда «Ўнг тараф эгалари жаннатдаги ноз-неъматлар, имкон ва қулайликлар ичидадир» деган маъно ифода қилинмоқда.

34. баланд тўшалган кўрпачалардадир.
Абу Саъид Худрий айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг “баланд тўшалган кўрпачалардадир” сўзи хусусида “Уларнинг баландлиги осмон билан Ер орасича, беш юз йиллик масофа каби” дедилар” (Термизий ривояти). Аҳли илмлардан баъ-зилари “кўрпача”ни даражалар маъносида деб, ҳар бир даражанинг ораси осмон билан Ер оралиғига тенг, деб ҳам тафсир қилишган. Айримлар эса “кўрпача” жаннатдаги аёллардан киноя (яъни уларга ўхшатилган) дейишади. Шунда бундан ҳуснда ва келишганликда қадри баланд бўлган аёллар тушунилади. Араблар аёлни тўшак, кийимга ҳам ўхшатишади, ҳадиси шарифда “Фарзанд тўшак эгасиникидир, фоҳиша боладан маҳрум қилинади” (Бухорий ривояти), дейилган.

35. Биз уларни дафъатан яратдик.
Аллоҳ таоло жаннатдаги ўнг томон эгалари учун гўзалликда тенги йўқ оҳу кўзли ҳурларни - “ҳури ъийнлар”ни яратган. Улар туғилишмаган, балки Аллоҳ таоло томонидан дафъатан яратилган. Уларнинг яратилиши дунё аёллариникига ўхшамайди. Мусаййиб ибн Шурайк айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг “Биз уларни дафъатан пайдо қилиб, бокира, тенгқур маҳбубалар қилдик” ояти ҳақида шундай дедилар: “Улар (оҳу кўзли ҳурлар) дунё ожизаларидир. Аллоҳ уларни янгидан пайдо қилди. Ҳар сафар эрлари уларга келганида уларни бокира ҳолда кўради”. Оиша розияллоҳу анҳо буни эшитгач, “Оғриқдан қийналишмайдими?” деб сўради. У зот алайҳиссалом: “У ерда оғриқ бўлмайди”, дедилар” (Қуртубий “Тазкира”сидан).

36. уларни бокиралар қилдик -
Ўнг томон эгаларига атаб қўйилган жаннатдаги оҳукўзли ҳурлар ҳамиша бокира ҳолда бўлишади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Жаннат аҳлидан бўлган бир киши ҳур билан етмиш йил қўшилади. Улар бир-бирига сира малол келмайди. Ҳар қачон келса, уни бокира ҳолда топади ва унинг шаҳвати ҳам (аввалги ҳолига) қайтади, сўнгуни етмиш кишининг қуввати билан жимоъ қилади”.

37. тенгқур маҳбубалардир;
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан, шундай дейилади: «Умму Салама: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг «Ъурубан атрообан» ояти ҳақида гапириб беринг”, деди. У зот алайҳиссалом: “Улар бу дунёдан қариб, сочи оқариб, кўримсиз ҳолда кетган кампирлар бўлиб, Аллоҳ таоло уларни қиёматда тенгқур, бокира, эҳтиросли, маҳбуба қизлар қилиб қайта яратади”, дедилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо: “Эй Ал-лоҳнинг Расули, бу дунёнинг аёллари афзалми ёки ҳури ъийнларми?” деди. У зот: “Эй Умму Салама, бу дунёнинг аёллари ҳури ъийнлардан афзалдир”, дедилар. Умму Салама: “Нималари билан?” деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: “Намозлари, рўзалари, Аллоҳга ибодатлари билан. Аллоҳуларнинг юзларига нур, жасадларига ипак кийдирган. Ранглари оппоқ, кийимлари яшил, зеб-зийнатлари сариқ, тароқлари тилладан. «Мангумиз, ўлмаймиз, зор бўлмаймиз, бир жойда яшаймиз, кўчмаймиз, розимиз, аччиқланмаймиз. Биз кимники бўлсак, ким бизники бўлса, яшасин», дейишади”, дедилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу ерда баъзи аёллар икки, уч, тўртта эрга тегадилар, у дунёда ҳаммалари жаннатга киришса, аёл қайси эри билан бирга бўлади?” деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй Умму Салама, бу аёлнинг ихтиёрига қўйилади. Эрларнинг ичида энг хулқи яхшисини танлайди. «Аллоҳим, мана бу менга яхши хулқли бўлган эди, мени шунга бергин», дейди. Эй Умму Салама, яхши хулқ икки дунёнинг яхшилигига эриштиради, дедилар» (Табароний ривояти).

38. ўнг тараф эгалари учундир.
Жаннатдаги турфа неъматлар ва қулайликлар, ҳеч кимнинг назари тушмаган бокира, оҳукўзли ҳурларнинг бари номаи аъмоллари ўнг тарафидан берилган мўминлар учундир. Бандаларнинг номаи аъмоллари - уларнинг тоат ва гуноҳлари ёзилган китобнинг ва бандалар ҳисобга тортилишининг ҳақлигига ишониш Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг бир қисмидир. Қиёматда мўминларнинг номаи аъмоллари ўнг томонларидан, кофирларники эса орқа ва чап томонларидан берилиши ҳақдир. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: «Ана энди кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса, у осон ҳисоб-китоб қилинади ва ўз аҳли-оиласига шод-хуррам ҳолда ҳайтади. Энди кимнинг номаи аъмоли орҳа томонидан берилса, у ўлимни чаҳириб ҳолади ва дўзахга киради. Дарвоқе, у (дунё ҳаёти пайтида) аҳли-оиласида (куфру исёни билан) шод-хуррам эди. Албатта у ўзининг ҳеч ҳачон (Парвардигори ҳузурига) қайтмаслигига ишонар эди. Йўк» Пар-вардигори уни шубҳасиз кўриб турувчи эди» (Иншиқоқ, 7-15).

39. Аввалгилардан ҳам кўпчилик;
Номаи аъмоллари ўнг томонидан бериладиган саодатманд кишилар Исломдан олдинги умматлардан ҳам, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан ҳам кўпчилик бўлар экан. Урва ибн Рувайм айтади: “Аллоҳ таоло «Аввалгилардан ҳам кўпчилик, кейингилардан озчилик» (Воқеа, 13-14) оятларини нозил қилганида Умар йиғлади ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизлар сизга имон келтирдик, сизни тасдиқладик. Шундай бўлса ҳам бизлардан нажот топувчилар оз бўладими?” деди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умарни чақириб: “Эй Ибн Хаттоб, сен айтган нарса борасида Аллоҳ оят нозил этиб, аввалгилардан ҳам кўпчилик, кейингилардан ҳам кўпчилик қилди”, дедилар. Умар: “Биз Роббимиздан ҳам, Пайғамбаримизнинг тасдиқлаганидан ҳам розимиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам (алайҳиссалом)дан бизгача кўпчилик ва мендан қиёмат кунигача кўпчилик. Уни “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган туя боқувчи қора одамларгина тамомига етказади”, дедилар”.

40. кейингилардан ҳам кўпчиликдир.
Ушбу суранинг бошланишида (13-14 оятлар) Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган қавмлардан ўнг томон эгалари кўпчилик,у зотнингумматларидан озчилик, деб келган эди. Олдинги оятда зикр қилинганидек, охирзамон Пайғамбари умматидан ҳам кўпчилик бўлиши ҳақида оят нозил қилинди. Демак, пешқадамлардан фарқли ўлароқ, ўнг тараф эгалари орасида аввал ўтган қавмлардан кўпгина жамоатлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад алай-ҳиссаломнинг умматларидан ҳам кўпгина жамоатлар бўлишаркан.

41. Ва чап томон эгалари - чап томон эгалари недир?!
Қиёмат куни номаи аъмоллари чап ёки орқа томонларидан бериладиган бахтсиз кимсалар “чап томон эгалари” деб номланишади.Уларнинг охиратдаги ҳолатлари ўта аянчли ва даҳшатли бўлади: улар дунё ҳаётида куфр ва ширк йўлини тутиб, ёлғон қасам ичган ҳолда қиёматни ва ўша кунда қилмишларига яраша дўзах азоби бўлишини инкор қилиб юришган эди. Мана энди қиёмат қойим бўлгач, уларни даҳшатли интиқом кутиб турибди, куфр ва ширклари туфайли инсон зоти тасаввур ҳам қилолмайдиган қаттиқ азоб ва хорликларга учраб туришибди.

42. Самум ва қайноқ сувдадир.
Чап томон эагларига аталган азобларнинг энг енгили уларнинг баданларини тешиб ўтиб кетадиган оловли иссиқ шамол, яъни “самум” ва ташналикларини қондиришга бериладиган қайноқ сувдир. Уларнинг дўзах оловида мангу қийноқда қолишлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Оловли шамол - “самум” уларнинг баданини ташқаридан тешиб ўтиб азобласа, қайноқ сув - “ҳамим” дўзахийларнинг танаси ичидан тешиб, жонларига озор беради. Чап тараф эгалари ана шу азоблар ичра доимий қийноқда бўлишади.

43. Қора тутун соясидадирлар;
Қиёмат куни чап томон эгаларини яна бир қийноқ кутиб туради. Улар баданни куйдирувчи шамолдан, ичакларни илма-тешик қилиб юборадиган қайноқ сувдан қийналиб, бирор муздай соя жой қидиришганида улар устида томоғни бўғувчи қоп-қора тутун уларга соя бўлади. Бу ҳолат ҳам уларнинг азоби устига азоб қўшади.

44. на салқин, ва на фойдали.
Бундан олдинги оятларда жаннатийларнинг жаннат боғларида, «ёйилган соя»ларда роҳатланиб юрганлари васфи келганди. Бунинг аксича, жаҳаннам аҳли дўзахнинг салқини йўқ, фойда ҳам бермайдиган қоп-қора тутунлар “соя”сида, азобларига устидан азоб қўшилиб жазоланишади. Уларнинг бундай оғир азобларга гирифтор бўлишларининг асосий сабаби улар дунёда Аллоҳга куфр келтириб, қиёмат ва ундаги жазоларнинг ҳақлигини инкор қилиб ўтишган эди.

45. Улар бундан олдин маишатпараст эдилар.
Олдинги суралар (Сабаъ, Зухруф) тафсирида зикр қилинганидек, «маишатбозлар» деб аталувчи тоифа дунё ҳаётида лаззат ва маишатга берилиб, кўплаб ноз-неъматларни кўлга киритган ҳолида бошқаларга ҳукмини ўтказган, одамларни ёмонликка бошлаган, халқнинг елкасига миниб олиб, зулмини ўтказган кимсалардир. Тарихда қайси юртга Аллоҳ таоло огоҳлантирувчи - пайғамбар юборган бўлса, ўша ернинг маишатпараст зодагонлари пайғамбарга қарши чиқиб, оддий одамларни унга эргашишдан қайтаришган. Чунки ўша маишатбоз, золим ва фосиқ сардорлар пайғамбар шахсида ўз ҳукмларига қарши чиқувчи, жамиятдаги тутган ўринларини тортиб олувчи рақибни кўришган. Агар пайғамбарнинг гапи ўтиб, иши юришиб кетса, халқ оммаси маишатбоз раҳнамолардан юз ўгириб, пайғамбарнинг ортидан эргашиши аниқ бўлиб қоларди. Шу сабабли, ҳар бир юртнинг маишатбоз бошлиқлари жон-жаҳдлари билан пайғамбарларга қарши чиқишган. Маишатбозлар ўз кофирликларини эълон қилиш билан чекланиб қолишмайди, балки охират ҳақида гап кетса, у ерда ҳам нажот топишлари хусусида сафсата сотишади. Энди кўришсаки, қиёмат куни ўйлаганлари сароб, аҳволлари хароб бўлиб турибди.

46. Ва улкан гуноҳда қатъий эдилар.
Дўзахга маҳкум этилганлар дунёда улкан гуноҳларни бемалол қилиб юришган ва бунда бардавом бўлишган. Аллоҳга имон келтирмаслик, яъни кофирлик, Аллоҳга турли бут-санамларни шерик қилиш, яъни мушриклик гуноҳларнинг энг улканидир, гуноҳи кабирадир. Дўзахийларнинг бундай қаттиқ азобларга дучор бўлишларининг энг катта сабаби уларнинг дунёда мушрик ва кофир бўлиб ўтганларидир. Айни чоғда улкан гуноҳларни саркашлик (итоатсизлик, қайсарлик) билан қилганлар ҳам шундай азобларга учрашади. Охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам етказган рисолатни ва илоҳий ваҳийларни (тўлиғича ёки баъзи қисмини) қасддан, тамоман инкор этиш, Исломни тан олмаслик куфрдир. Куфр (кофирлик) кечирилмас улкан гуноҳдир. Бандага куфрдан хатарлироқ нарса йўқ, шунинг учун мўмин киши куфрга тегишли нарсалардан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қочади. Аллоҳ таоло айтади: «Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғонга чиқарган (куфр келтирган)лар - айнан ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар ўша ерда абадий крлувчидирлар» (Бақара, 39). Ширк эса, Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва У Зотни қўйиб ёки У билан бирга тош, дарахт, қуёш каби бошқа нарсаларга ибодат қилишдир. Ширк гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир.Ўзи хоҳлаган бандаларининг ширкдан бошқа гуноҳларини кечиради.

47. Ва айтишарди: «Биз ўлиб, тупроқ ва суякка айлансак ҳам қайта тирилтириламизми?
Мушриклик шунчалар гумроҳлик ва ақлсизликки, бу балога мубтало бўлганлар охиратга ҳам, ўлгандан кейин қайта тирилишга ҳам ишонишмайди. Улар ўзларига қиёмат ҳақида хабар берган Пайгамбарнинг сўзларини инкор қилиб, “Наҳотки ўлиб, суякларимиз тупроққа қўшилиб кетса ҳам қайта тирилтирилсак?” деб шубҳа-гумонлар денгизида сузишаверади. Аллоҳ таолонинг қиёмат келиши, ўшанда барча инсонлар қайта тирилиб, қабрларидан чиқиб келишлари ҳақидаги ваъдаси ҳақдир. Бунга ишонмаганлар эса икки дунё саодатини бой бериб, охиратда оғир азобларга гирифтор бўлишлари ҳам муқаррардир.

48 Аввал ўтган ота-боболаримиз ҳамми?»
Улар-ку, ўзларининг қайта тирилишларига ишонмаётган бўлишса-да, шуниси ҳам аниқки, уларнинг ҳатто ота-боболари ҳам қиёмат куни қайта тирилиб, гуноҳлари эвазига Аллоҳнинг азобига учрашади. Инсонлар учун энг хатарли бўлган уч гуноҳ - куфру ширк, нафс хоҳишларига берилиш ва қайта тирилишга ишонмаслик - бир-бирига боғлиқ бўлиб, инсониятнинг ҳалокатига асосий сабаб бўлувчи энг қаттиқ гуноҳлардандир. Булар орасида қиёматга, ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонмаслик барча гуноҳларнинг бошидир. Модомики, инсонда ушбу ақида бўлмас экан, у жаҳолат ва залолат чангалзорларида адашиб юраверади. Охиратга ишонмагани учун у ҳамма нарсага шу дунёнинг ўзида эришиб қолишга ҳаракат қилади. Қайта тирилишга ишонмайдиган кимса бу дунёнинг беш кунлик дунё эканини, тез ўтиб кетишини билади ва фурсатни қўлдан бермай деб, кўнглига келган ишни қила бошлайди. Шу тариқа у куфр ва ширк ботқоғига ботиб, оқибатда қиёмат куни чап тараф эгаларидан бўлиб қолади.

49. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Албатта, аввалгилар ҳам, охиргилар ҳам;
Эй Пайғамбарим, сиз келтирган рисолатни тан олмай, охират дунёси борлигига ишонмай юрган ўша гумроҳ кимсаларга айтингки, Парвардигорингиз улардан олдин ўтиб кетган қанча-қанча қавмларни ҳам, улардан кейин келадиган бошқа халқ ва миллат-ларни ҳам қиёмат куни албатта Ўз ҳузурида тўплайди. Дунё ҳаётини имон, тақво ва ҳидоятда яшаб ўтганларни Ўзи ваъда қилган мукофотлар билан тақдирлайди. Осийлик ва саркашлик билан куфри ва ширкидан воз кечмаган кимсаларни эса дўзах азоби билан жазолайди.

50. маълум куни, белгиланган вақтда албатта тўпланувчилардир».
Оятдаги “маълум кун”дан мурод, кўп одамлар, катта издиҳом тўпланадиган тантанали кундир. Ана шу белгиланган маълум кун бўлмиш қиёмат қойим бўлганида жамики инсонлар қабрларидан тирилиб чиқиб, ҳисоб-китоб қилинадиган Маҳшаргоҳга тўпланадилар. Аллоҳнинг ваъдасига ишонмай, Унинг Пайғамбарини инкор қилиб келган Макка мушрикларининг ота-боболари ҳам, уларнингўзлари ҳам, улардан кейин келадиган авлодлар ҳам, барчалари Парвардигор хузурида тўпланиб, қилмишлари ҳақида албатта ҳисобга тортилишади.

51. Сўнгра сизлар, эй ёлғонга чиқарувчи гумроҳлар;
Шундан кейин Аллоҳ таоло ушбу ояти орқали имон ва ҳидоят йўлидан адашган, Ўзининг оятларини инкор этиб, Пайғамбарининг сўзини ёлғонга чиқараётган гумроҳ кимсаларга хитоб қилиб, уларни охират дунёсида кутиб турган аламли азоблар, чидаб бўлмас қийноқлар ҳақида огоҳлантиради. Улар бу илоҳий азобларга Аллоҳнинг ваҳийларини, Унинг Пайғамбарини, илоҳий Китобни, қиёматни ва қайта тирилишни ёлғонга чиқарганлари учун гирифтор бўлишади.

52. албатта заққум дарахтидан ейсизлар;
Қиёматни ёлғонга чиқариб, охиратда жазо ёки мукофот берили-шини инкор қилиб юрганларнинг дўзахдаги таоми заққум дарахти бўларкан. Халқимиз одатда бирор нарсанинг ўта аччиқ, бадхўр эканини таърифламоқчи бўлса, “заҳар-заққум экан” деган иборани ишлатади. Ҳақиқатан дўзахдаги жуда аччиқ, бадбўй, хунук дарахтнинг номи «заққум» деб аталади. Дўзах аҳли заққум, самум, қайноқ сув ва олов билан азобланади, уларнинг емиши фақат заққум, ичимлиги қайноқ сув бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Заққумнинг бир томчиси дунё денгизларига томиб кетса, ер аҳлининг ҳаётини бузиб юборган бўлар эди», деганлар (Термизий ривояти).

53. ундан қоринларни тўлдирасизлар.
Эй инсонлар, жаннатдаги тўкин ва оромбахш ҳаёт ва ундаги турфа неъматлардан тайёрланган зиёфатдан воз кечиб, дўзахнинг энг тубидан ўсиб чиққан заҳарли заққум дарахтининг мевасидан еб, очликни қондириш яхшими? Ваҳоланки, бу азобни ўзларингиз танладингиз. Сизлар каби барча адашганлар ва Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарувчилар охиратда албатта заҳарли заққум дарахтидан ейди, еганда ҳам қоринни тўлдириб ейишади. Дўзахийларнинг таоми энг аччиқ, энг хунук, энг ёмон заққум дарахти бўлади. Инсон учун бундан ҳам ортиқ хорлик, азоб, таҳқир бўлиши мумкинми?

54. Сўнг устидан қайноқ сувдан ичасизлар.
Дўзахий кимса заҳар - оғу заққум дарахтидан еб, қорнини шишириб олганидан кейин энди уни ташналик қийнай бошлайди. У сув ахтариб, ҳар томонга мўлтирайди. Шунда унга заҳардай “таом” устидан ичишга қайноқ сув берилади. Дўзах оловининг ичида ташна бўлиб ётган, заҳардай дарахтдан еб қорни қаппайган дўзахий-нинг энди қайноқ сув ичишини бир тасаввур қилиб кўринг: азоб устига азоб, хорлик устига хорлик. Куфр ва ширк аҳлининг қисмати ана шундай аянчли бўлади.

55. ташна туялар каби ичасизлар.
Ояти каримадаги “ҳийм” сўзи (кўплиги “ҳоим”) «чанқоқ касалига учраган туя»ни англатади. Бу касаллик юқумли бўлиб, унга чалинган туя сув ичиб қонмайдиган ва иситмалайдиган бўлиб қолади. Заққумдан еб, қорнини тўйдириб олган дўзахийлар ҳам ташналикларини босиш учун ўта қайноқ сувни тинмай ичаверишар экан. Заҳардай аччиқ дарахтдан еб, устидан қайноқ сув ичишдан ҳам қаттиқроқ азоб бўлармиди!

56. Уларнинг қиёмат кунидаги “зиёфат”лари мана шу!
Дунё ҳаётида Аллоҳнинг оятларини инкор этиб, ёлғонга чиқариб, ўзлари куфр ва ширк чангалида қолиб кетган гуноҳкорларнинг охиратдаги аҳволларига маймунлар йиғлайдиган бўлади. Уларнинг қоринлари очса, аччиқ ва ютиш қийин бўлган заққум берилади, ташна бўлишса, чанқоқни қондирмайдиган қайноқ сув тутилади. Дўзахийлар учун қиёмат куни тайёрлаб қўйилган “зиёфат” мана шундай бўларкан, бундай «зиёфат»дан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!

57. (Эй инсонлар), сизларни Биз яратганмиз, ишонмайсизларми!
Аллоҳ таоло инсонларга хитоб қилиб, уларни Ўзи яратганини, инсонлар эса бунга ишонмай ғофилликда қолаётганларини эслатмоқда. Бу ўринда Қуръонга хос бўлган гўзал лутф билан мурожаат қилинмоқда. Ҳа, инсон ҳамма нарсани тез унутувчидир, шу жумладан, ўзининг яратилишини ҳам, ким яратганини ҳам, қандай яралганини ҳам унутиб қўяди. Агар инсон ўзининг дунёга келиши ҳақида тафаккур қилганида албатта Аллоҳга имон келтирган, Унинг амрларига бўйсунган бўларди. Ахир, ҳар бир инсонни яратишнинг ўзиёқ Аллоҳ таолонинг яратиш қудратига энг ёрқин далил-ку!

58. Ўзингиз тўкадиган манийни ўйлаб кўрмайсизми?!
Шаҳват кучайган пайтда эркак ва аёллардан шиддат билан отилиб чиқувчи суюқлик «маний» деб аталади. Эркак кишининг манийи қуюқ ва оқ рангли, аёлларники суюқ ва сарғиш рангли бўлади. Бизнинг давримизга келиб маълум бўлдики, тухум ҳужайрани урчитиш учун миллионлаб маний (сперматозоид) ичидан бир донаси кифоя қиларкан. Яна шуни ҳам биламизки, аёл кишидаги ўн минглаб тухум ҳужайралардан атиги биттаси уруғланади. Ўн минглаб тухум ҳужайралар ичидаги ўша бир донаси ҳам Қуръонда сулала деб аталади. Бу ҳам чиқарилувчи суюқликнинг яхши қисми деган маънода келмоқда. Бу ерда тилга олинаётган суюқлик эркакда ҳам, аёлда ҳам мавжуд. Тухум ҳужайра ҳам, уруғ ҳужайра ҳам уруғланиш жараёнида ўз ўринларидан оҳиста чиқарилади. Аллоҳ таоло шунчалар қудратлики, ҳеч нарсага арзимайдиган, аслида инсоннинг ўзи ҳам жирканадиган сувдан шунчалик мураккаб, олиймақом ва гўзал бир инсон яраладиган қилиб қўйди. Буни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким қила олмайди.

59. Уни сизлар яратасизми ёки Биз яратувчимизми?!
Кўпинча ўзимизча мўъжизалар, кашфиётлар, кароматлар ахтарамиз. Аммо негадир ўзимизга, қандай яратилганимизга боқмаймиз? Тана аъзоларининг тузилишига, ишлашига тафаккур кўзи билан назар солмаймиз, ибрат олмаймиз? Энг аввало, инсоннинг нима-дан ва қай ҳолатда яралганига бир эътибор бермаймиз. Инсоннинг яралиши эркак киши манийсининг (уруғининг) аёл бачадонига тўкилиши ва ўша жойда урчишидан бошланади. Демак, инсон яратилишининг бошланиш жараёни эркакнинг манийси экан. Хўш, бу манийни ким яратган? Инсоннингўзими? Йўқ, албатта, буни Аллоҳ таоло яратмаса, бошқа ҳеч бир зот ярата олмайди. Инсон бу ишда бир воситачи, холос. Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: «Энди инсон ўзининг нимадан яралганига бир боқсин! У (эркакнинг) бели билан (аёлнинг) кўкрак қафаси ўртасидан отилиб чикувчи бир сувдан яралган-ку!» (Ториқ, 5-7). Маълум вақт ўтгач, ана шу ҳеч ким дахл қилолмайдиган жойда, бир неча қават парда остига яшириб қўйилган ердаги ҳомилага бирин-кетин суяк, кўз, қулоқ, бурун, қўл-оёқ, қош-киприк ва бошқаларнинг ҳужайралари келиб ўрнашади. Ал-лоҳнинг қудратини, мўъжизаси ва ҳикматини қарангки, бирининг ўрнини бошқаси эгаллаб олмайди, кўз қоринга жойлашмайди, оёқ пешонага келиб ўрнашмайди. Ана шу илоҳий жараёнларнинг бирортасига эр ҳам, хотин ҳам, билағон шифокорлар ҳам аралаша олмай, фақат томошабин бўлиб туришаверади. Мана шу нарсанинг ўзиёқ инсонларни ҳам, бошқа махлуқотнинг ҳам ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзи эканига исбот талаб қилмас далилдир.

60. Ораларингиздаги ўлимни Биз белгилаганмиз ва Биз ожиз эмасмиз;
Барча махлуқотни, шу жумладан инсонларни ҳам яратган Аллоҳ уларга ҳаётни ҳам, ўлимни ҳам Ўзи берган. Инсонларнинг қачон туғилишию қачон ўлишини ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаган. Бунда У ҳеч қандай ожизлик сезмайди, бировнинг ёрдамига ҳам муҳтож бўлмайди. Ер юзида ўрмалаб юрган ҳар бир жонзот борки, бир куни ажали етиб, дунёдан кетади. Ҳар бир жон албатта ўлим шарбатини тотади. Ҳеч ким ўлим чангалидан қочиб қутула олган эмас. Ҳақиқат шундай экан, ҳар бир инсон дунё ҳаётида охиратини ўйлаб, унга тайёргарлик кўриб умр кечириши лозим.

61. сизларга ўхшашларни алмаштириб қўйишга ва сизларни ўзларингиз билмайдиган ҳолда яратишга ҳам.
Олам ва борлиқдаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг иши ва У яратган махлуқлардандир. Шунингдек, ҳар бир заррада Аллоҳнинг Ўзига хос қудрати, улуғлиги ва яратиш ҳикмати яширинган. Бу ҳикмат ҳисобини охиригача билиш мумкин эмас. Оламдаги мавжудот аслини билиб бўлмайдиган нарсалардан иборат бўлиб, бу тўғрида тафаккур қилиш бизларга буюрилмаган. Биз шуни яхши англаймизки, Аллоҳ таоло ҳозирги инсонларни ўзларининг хаёлларига ҳам келмаган шаклда, бошқача кўринишда яратиши ҳам мумкин эди. Бунинг Унга ҳеч қандай қийин жойи, машаққати йўқ. Чунки йўқдан бор қилган Аллоҳ таолога борни бошқача ҳолатга ўзгартириш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.

62. Сизлар илк яратилишингизни билдингиз-ку, эсламайсизларми?!
Яъни, инсон ўзининг илк яратилишини эслаб кўрсин: у шунгача ҳеч нарса эмас эди, отасининг сулбидан онасининг раҳмига (бачадонига) уруғ сифатида тушганидан кейингина унинг инсонлик қиёфаси аста-секин шакл ола бошлайди. Аллоҳ таоло уни яратишни ирода қилганидан сўнггина онанинг ҳеч ким дахл қила олмайдиган бачадонида инсонни босқичма-босқич ярата бошлайди: уни бир томчи сувдаги ҳисобсиз уруғлардан ажратиб олиб, мустаҳкам ўринга жойлаштиради. Унга кўз, қулоқ, қўл-оёқ, юрак каби аъзоларни ўрнаштиради, унга жон бағишлайди. Шундагина у тўла-тўкис инсонга айланади. Ана шу илоҳий жараёнларнинг кечишида бирор инсон ёки бошқа махлуқ аралаша олмайди, бари Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига боғлиқ ҳолда бўлади. Буюк яратувчи Аллоҳ азза ва жалла инсонларни қандай яратгани ҳақида мулоҳаза қилиб кўрмоқчи бўлсангиз, Унинг наботот оламини қандай пайдо қилгани ҳақида мушоҳада юритинг, ибрат олинг, муқояса этиб кўринг.

63. Экадиган нарсаларингизни ўйлаб кўрмайсизларми;
Аллоҳ таоло ушбу ояти карималари орқали бандаларини Ўзининг яратувчилик кудратига далолат қилувчи аломатлари ҳақида фикр юритишга, улар ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўришга ва шу тариқа Аллоҳ азза ва жаллага бўлган имонларини зиёдалаштиришга чорламоқда. Дарҳақиқат, кундалик турмушимизда ҳамиша такрорланиб тургани учун Аллоҳяратган мўъжизалар ва қонуниятларга унча эътибор бермаймиз, улардан ибратланмаймиз. Оддийгина экиннингуниб чиқиши ҳақида озгина фикр юритган одам бунда Аллоҳ таолонинг нақадар улкан мўъжизаси яширинганига ишонч ҳосил қилади. Инсон ерни ҳайдаб, бир дона уруғни ерга ташлаганча унинг пишиб етилишини кутади, холос. Унга ер орқали нам юбориб, қуёш нурига тоблаб ундириб берадиган ҳам Аллоҳдир! Экинларни фақатЎзи биладиган ҳикматига кўра ҳосилдор бошоққа ёки бир қуруқ хасга айлантириб қўядиган ҳам Унинг Ўзидир! Уни турли бало-офатлардан асраб, бошоқ тугдирадиган ҳам Аллоҳдир! Агар Аллоҳ экин экилган жойга осмондан ёғин ёғдирмаса, Аллоҳнинг қуёши қиздирмаса, сел, дўл, ҳашарот каби офатлардан ҳимоя қилмаса, деҳқоннинг йил бўйи қилган меҳнати бекор бўлади, мўлжаллаган ҳосили хирмонга тушмайди.

64. уни сизлар ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми?
Аллоҳ таоло бандаларига шундай хитоб қилмоқда: эккан уруғингизни ундирувчи, уни экин ёки бошоққа айлантириб, мева ёки дон берадиган ҳолатга келтирувчи сизларми ёки Менми? Ишларинг фақат ерни ишлаб, уруғ сочиш ва суғориб қўйишдангина иборат-ку! Ўруғни бошоққа айлантира олмаслигингизни эътироф қиласизлару ердан ўликларни чиқариб, уларга жон бағишлашимизни қанақасига ёлғонга чиқарасизлар? Фахруддин Розий ушбу оятлар тафсирида шундай ёзади: “Улардаги “ҳарс” ва заръ” сўзлари орасида фарқ бор: ҳарс - экишнинг бошланиши, яъни ерни ҳайдаш, уруғ ташлаш, суғориш каби ишлар; заръ (ундириш) эса, экиннинг ердан униб чиқиши, ўсиши, ҳосил бериши кабилар”. Бундан аён бўладики, ҳар қандай экилган уруғ ҳосил беравермайди, бу иш фақат Аллоҳ таолога боғлиқдир. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло экин экиш бандага, уни ундириб чиқариш Ўзига боғлиқ эканини баён қиляпти. Чунки экиш банданинг иши, унинг ихтиёри билан амалга ошади. Ундириб-ўстириш эса Аллоҳ таолонинг феълларидан бири, истаса - ўстиради, истамаса - йўқ. Мовардий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай де-дилар: “Ҳеч бирингиз “(экин) ўстирдим” демасин, балки “экдим” десин. Зеро, уни ўстирувчи (Зориъ) Аллоҳ таолодир”. Сўнгра Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таолонинг “Уни сизлар ундирасизларми ёки Биз ундирувчимизми?” оятини эшитмаганмисизлар?” деди (Муслим, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ривояти). Қуртубий “Ал-Жомеъ ли аҳкамил-Қуръан” тафсирида шундай ёзади: “Ерга уруғ сепаётган ҳар бир киши “таъаввуз” (“аъузу биллаҳ”) ўқигач, юқоридаги икки оятни ўқисин. Сўнгра “Ундириб-ўстирувчи, камолга етказувчи Аллоҳ таолодир! Эй Аллоҳим, Муҳаммад алайҳиссаломга салавот ва салом йўлла, бу экиннинг ҳосилидан бизларни баҳраманд эт, зараридан узоқ қил. Бизларни неъматларингга шукр қилувчи, эҳсонларингни зикр этувчи бандаларингдан айла! Эй оламларнинг парвардигори, буни бизга баракали қилгин!” деб дуо қилсин. Бу ўзи учун яхши бўлади. Бундай дуо ўқиш экиннинг турли чигиртка, қурт-ҳашарот каби бало-офатлардан сақланиши гарови дейилган”. Қуртубий бу дуони ишончли кишилардан эшитгани ва у тажрибадан ўтганини айтади.

65. Агар хоҳласак, уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлар эдик. Сизлар эса ажабланганча қолиб:
Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, агар хохдасак, экинларга офат юбориб, бир зумда емак ва ем-озуқага ярамайдиган, қуруқ чўпга, хор-хашакка айлантириб қўйган бўлардик. Аллоҳ таоло бу билан бандалар эътиборини икки жиҳатга қаратмоқда: биринчиси - бандалар экинла-рини қуруқ чўпга айлантириб қўймаган ва бало-офат юбормаган Парвардигорларига шукр қилишлари керак, иккинчиси - бандалар ибрат олиб, ёмонликларидан воз кечишсин. Чунки экинларни қуритиб юбориши мумкин бўлгани ҳолда уларни ҳам истаган пайтида ҳалок қила олади. Икрима ва бошқа муфассирлар ояти каримадаги “ажабланган-ча қолиб” жумласини қилмишларингизни касри ҳатто экинларингизга уриб, “бир лаҳзада куриб битгани учун афсус-надомат қиласиз” деб тафсир қилишган.

66. «бизлар зиён кўрувчилармиз;
Экинни экиб қўйиб, уни ўстиришнинг Аллоҳдан экани ҳақида фикр қилмайдиган ношукр кимсалар фойда кўриш ўрнига зарарга қолишади. Ушбу оят ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Қатода шундай дейишган: “бизлар зиён кўрувчилармиз” жумласини “Шубҳасиз, бизлар азобланувчилармиз” деб таъвил қилишган. Бошқа баъзи муфассирлар “Бизлар ҳалок бўлувчилармиз” тарзида ҳам тафсир қилишган. Заҳҳок ва Ибн Кайсонга кўра, оятдаги “муғром” сўзи молнинг эвазсиз йўқ бўлиши маъносини беради, шунга кўра бу оят “эккан донимиз йўқ бўлиб кетди” маъносида тафсир қилинади.

67. балки маҳрумдирмиз» (дер эдинглар).
Бандалар экинни экиб қўйиб, ҳосилни кутишдан бошқасига ярамаганларидан кейин ўзлари экаётган нарсаларни ундирувчи Зот - Аллоҳ таолога имон келтириб, У Зотга ибодат ва итоатда туришса бўлмайдими? Ваҳоланки, улар ҳеч бир ҳосилга эга бўлмай, “балки маҳрумдирмиз” дейишдан бошқасига ярамайдилар. Қатода “маҳрум бўлиш”ни ризқдан тўсилиб қолиш деб тафсир қилган. Қуртубий тафсирида келишича, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийларнинг ерларидан ўтаётиб, улардан сўрадилар: “Сизларни экин экишдан нима тўсяпти?” Улар “қургоқчилик” деб жавоб беришди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ, ундай қилманглар, чунки Аллоҳ таоло: “Ундириб-ўстирувчи Менман. Истасам - сув билан, истасам - шамол билан, хоҳласам - уруғ билан ўстираман” деб марҳамат қилган. Сўнг “Экадиган нарсаларингизни ўйлаб кўрмайсизларми, уни сизлар ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми?” ояти карималарини ўқидилар”.

68. Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а;
Инсон бирор кун ҳам сувсиз яшай олмайди. У сувни ўзи ичади, унда ювинади, у билан ҳайвонларини суғоради, экин-тикинларини, боғларини сув ёрдамида яшнатади. Бежизга “Сув - ҳаёт манбаи” дейишмаган. Инсон сувсиз яшай олмас экан, унинг қандай пайдо бўлаётгани, уни ким осмондан тушириб, ердан чиқариб бераётгани, унинг захиралари қанча экани, бир муддатга бориб тугаб қолмаслиги ҳақида фикр юритиши лозим. Дунёда чучук сувга бўлган талаб тўхтовсиз ўсиб бормоқда. Агар инсоният 1980 йили ўз эҳти-ёжларига уч ярим минг куб километр сув ишлатган бўлса, бу кўрсаткич 2003 йилга келиб беш минг куб километрдан ортиб кетди. Чучук сув айниқса саноат ва қишлоқ хўжалиги каби ишлаб чиқариш соҳаларига энг кўп сарфланмоқда. Сувнинг фойдалари фақат шулар билангина чекланмайди. Олимлар сувда кўзга кўринар-кўринмас зарарли микробларни ўлдирувчи ва кишига роҳат бағишловчи, чарчоқни кетказувчи шифобахш хусусиятлар борлигини айтишади. Сув яна электр қуввати ва турли газлар таъсирида тери тўқималарида пайдо бўладиган “ток уриш” ҳодисасини йўқотади, тандаги зарарли нарсаларни ювиб туширади, кўзга кўринмайдиган турғун зарядларни кетказади.

69. уни булутлардан сизлар туширасизми ёки Биз туширувчимизми?
Сув Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан. Уни осмондан қор, ёмғир шаклида туширадиган ҳам, обиҳаётни ер бағридаги булоқ, дарё ва сойлардан оқизиб қўйган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Осмондан сув тушириши Аллоҳ таолонинг қудрати сифатида зикр қилинади. Унинг яратилишида инсоннинг ҳеч қандай хизмати йўқ. У Аллоҳ берган сувдан фақат тафаккур қилиб, шукр билан исроф қилмай фойдаланиши мумкин. Инсон илм-техникада қанчалик илгарилаб кетмасин, қақраб ётган саҳроларга, чўл ва тоғларга ёғин ёғдира олмайди. Агар бу инсонлар қўлидан келганида дарёларни одам кам яшайдиган минтақалардан сувга эҳтиёж тобора ортиб бораётган юрт-ўлкаларда оқизиб қўйган бўларди. Одамларнинг қўлидан Аллоҳ ёғдириб қўйган сувларни омборларга тўплаб олиб, зарур бўлганида ундан фойдаланиш келади, холос. Инсонлар сувни ичишдан ва булғашдан бошқа юмушга аралаша олмайди. Сувнинг яралиши ва турли ҳолатларда бўлиши фақат Раҳмон сифатли Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Кундалик ҳаётда инсоннинг мунтазам ҳолатда сувга ҳожати тушиб туради. Уни хоҳлаганча истеъмол қилади, бошқа мақсадларда ишлатади. Лекин сувнинг асли қаердан келаётганини, унинг миқдори қанчага етиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Агар у озгина инсоф билан бу ҳақда фикр юритгани-да, сувни осмондан қайсидир инсон ёки техника эмас, қудратли ва ҳамма нарсага қодир Аллоҳ тушираётгани ҳақида ўйлаб кўрганида эди, Унинг қудратига қойил қолиб, Парвардигорининг тоати ва ибодатига шошилган бўларди, сув неъматини асло исроф қилмаган бўларди.

70. Агар хоҳласак, уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи!
Агар Аллоҳтаоло хоҳлаганида инсонлар фойдаланиб турган ҳамма сувни шўр қилиб қўйиши ҳам мумкин эди. Аммо У бандаларига, Ўзи яратган махлуқотига меҳрибон ва раҳмли бўлгани учун сувни чучук ҳам қилиб қўйган. Ер юзининг катта қисми сувдан иборат бўлишига қарамай, инсон ва бошқа жонзотлар истеъмол қила оладиган чучук сув миқдори бунинг атиги икки ярим фоизини ташкил қилади. Бунингустига чучук сувнинг асосий қисми Ер куррасининг фойдаланиш қийин бўлган шимолий қисмида ва баланд тоғлар бағрида қор ва музликлар шаклида тўпланган. Чучук сувнинг катта қисми инсон қадами етиш қийин бўлган Антарктида, Арктика, Гренландия каби минтақаларда ётибди. Ҳозир дунё аҳолисининг бор-йўғи учдан бир қисми сифатли, тоза сув истеъмол қилади, холос. Ер юзида сувга бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиб бориши жаҳонда чучук сув танқислигини келтириб чиқармоқда. Бунинг оқибатида чучук сув манбаларига эгалик қилиш, уларни бошқалардан қизғаниш каби ҳолатлар юзага келиб, дунё мамлакатлари ўртасида ўзаро келишмовчилик ва кескинликларга сабаб бўлмоқда.

71. Ўзингиз ёқадиган оловни ўйлаб кўрдингизми?!
Аллоҳ таоло бу саволни бежизга ташлаётгани йўқ. Арабистон диёрида, дунёнинг бошқа юртларида ҳам мурх ва уфор деган бир хил дарахтлар борки, унинг шохларини бир-бирига ишқаланса, ўт чиқиб кетади ва маҳаллий халқ ундан олов ёқишда фойдаланади (“Тафсири Ибн Касир”). Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла инсонларга Ўзининг мўъжизаларини васф қилар экан, улар қаторида ўзлари ёқадиган олов ҳақида ҳам бир мулоҳаза қилиб кўришга чақирмоқда.

72. Унинг дарахтини сизлар пайдо қиласизларми ёки Биз пайдо қилувчимизми?
Ҳақиқатан, инсонлар ўзлари ҳар куни муҳтож бўладиган олов ҳақида фикр юритишса, ажойиб мўъжизаларга дуч келишади. Яшнаб турган дарахтнинг шохларини бир-бирига ишқалаганда ўт чиқиши бир қараганда тушунарсиз нарсага ўхшайди. Аммо Аллоҳ таоло ўзидан ўт чиқарадиган дарахтни ана шу сифати билан пайдо қилган, уни ёниш хусусиятига эга қилиб яратган. Бунинг сабабини ҳали инсонлар кашф эта олганларича йўқ. Агар Аллоҳ таоло бандаларга олов неъматини бермаганида, уни келтириб чиқарувчи сабабларни жорий қилмаганида, уларнинг ҳоли нима бўлар эди? Ўзига таом пишира олмай хом нарсаларни истеъмол қилиб юрган бўлармиди?! Ношукр инсонлар ҳеч бўлмаганда Аллоҳнинг мана шу неъмати ҳақида фикр юритиб, оддий ёғочга ёндириш хусусиятини бериб қўйган Парвардигорига имон келтиришмасмиди!

73. Биз уни бир эслатма ва йўловчилар учун фойдали қилиб қўйдик.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло яшил дарахтдан олов пайдо қилиб бергани мисолини бандаларига бежизга эслатмаяпти. У шундай қудратли Зотки, ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқаради, баъзи бир-бирига зид нарсаларда уйғунликни пайдо қилади. Ҳозиргидай гугурт, чақмоқтош каби ўт чиқарувчи нарсалар кашф этилмаган замонларда хонадонларда ҳам, саҳроларда кетаётган мусофир йўловчилар ҳам икки ёғочни бир-бирига ишқаб, олов чиқаришганининг ўзи ҳам Аллоҳнинг буюк яратувчилик қудратига далолат қилади. Инсонлар яхши билишадики, танасида сув бўлгани учун ям-яшил дарахт оловни ўчириб қўйиши мумкин эди, аммо у мисолимизда оловни ёндиришга ёрдам беряпти. Ҳамма нарсага қодир Зот оловга ёқилғини ҳам ўша дарахтнинг ўзидан қилиб қўйган. Арабларда “Ҳар бир дарахтда олов яширинган” деган мақол ҳам бор. Бу улкан бир мўъжизага одамлар яхшироқ эътибор беришганида Аллоҳтаолонинг Биру Борлигига, ҳар бир ишга, жумладан, ўликларни қайта тирилтиришга ҳам қодир эканига очиқ-ойдин далилни кўрган бўлишарди.

74. (Эй Муҳаммад), улуғ Парвардигорингизнинг номини поклаб ёд этинг!
Аллоҳ таоло севикли Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, инсонлар ўзлари гувоҳ бўлиб турган шунча мўъжизаларимиздан кейин ҳам имонга келишмайди, Парвардигорларига турли нарсаларни шерик қилишади, итоатсизлик кўрсатишади. Ваҳоланки, уларга беҳисоб неъматларни яратиб қўйган, бандаларини ўлдирадиган ва уларга қайта ҳаёт бағишлайдиган Аллоҳ таоло мушрик ва кофирларнинг ботил эътиқодлари ва туҳмат ва сафсаталаридан покдир. Мазкур неъматларнинг Эгасини таниган ҳар бир инсон улуғ Аллоҳ таолони ана шундай айбу нуқсонлардан поклаб, У Зотга тасбеҳ айтиши, ибодат ва итоат қилиши зарур.

75. Юлдузларнинг ботиш жойига қасам;
Мазкур ояти каримадаги “юлдузларнинг ботиш жойи” деб таржима қилинган “мавақиъи” сўзи Куръони каримда “тушиш, воқеъ бўлиш, амалга ошиш, ботиш” маъноларида келади. Бу сўз Каҳф сурасининг 53-оятида ҳам келган ва гуноҳкорларнинг дўзахга тушишларини ифодалаш учун қўлланган. Аллоҳ таолонинг “юлдузларнинг ботиш жойига қасам” дейишидан туғилиш ва ўлиш тушунчалари уларга ҳам хос экани англашилади. Ҳар бир юлдузнинг аввали ва охири бор. Коинотнинг бир тарафида янги юлдуз “туғилар” экан, бошқа томонда умри тугаётган юлдузлар гўё: “Биз ўлиб кетамиз, аммо бизларнинг ягона Яратувчимиз боқийдир, унинг яратиши давом этаверади” деяётгандек бўлади.

76. агар билсанглар, бу буюк қасамдир.
Маълумки, Аллоҳ таоло инсонлар эътиборини ўта муҳим мўъжизалар ва нарсаларга қаратишни ирода этганида ўша нарсаларга қасам айтади. Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида қуёш, ой, юлдуз каби осмон жисмларига, Аллоҳ яратган бошқа мавжудотлар ва жараёнларга қасам дейилади. Юқоридаги оятда зикри келган юлдузларнинг ўрнашган жойига қасам дейиш орқали Аллоҳ таоло Ўзининг қиёматга қадар боқий қоладиган Китоби бўлмиш Қуръони каримни яна бир бор тасдиқлашни ирода қилган.

77. Албатта у Қуръони каримдир.
Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳнинг қиёматгача ҳаёт дастури қилиб нозил этган Китоби Қуръони каримнинг сифатлари васфи бошланади. Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган ва динсизлар инкор қилаётган ўша Китоб Аллоҳнинг каломи - Қуръони каримдир. “Карим” сифати унинг мукаррам қилиниши, эҳтиром кўрсатилиши ва улкан фойдасини англатади.

78. У сақланган Китобдадир.
Оятдаги “макнун” сўзи қаттиқ муҳофаза қилиш маъносини билдиради. Яъни, Аллоҳнинг Китоби турли ўзгартиришлардан, сўзларини алмаштиришдан ва бошқа барча таъсирлардан сақланган ҳолда Аллоҳ таоло томонидан қиёматгача муҳофаза қилинган ҳолда бўлади. Ана шундай муҳофаза қилинган ушбу Каломнинг асоси Аллоҳ таоло ҳузуридаги ҳеч бир зот дахл қила олмайдиган “Лавҳул-Маҳфуз”да сақланади. Мана ўн беш асрдирки, илоҳий Каломнинг бирор ояти, бирор сўзи тугул, ҳатто биттагина ҳарфи ҳам ўзгармай Аллоҳ азза ва жалла томонидан асраб келинмоқда ва қиёматгача ҳам Унинг муҳофазасида бўлади. Куфр ва ширк эгалари уни инкор қилишса ҳам, ёлғонга чиқаришса ҳам, сўзларини, ҳукмларини ўзгартиришга ҳарчанд уринишса ҳам, барибир ниятларига ета олишмайди.

79. Уни покланганларгина ушлайди.
Яъни, Аллоҳнинг Каломи Қуръони каримни аввалда моддий ва маънавий жиҳатдан Аллоҳ поклаган фаришталар ушлайдилар, уни “Лавҳул-Маҳфуз”дан олиб тушадилар. Сўнгра таҳорат ёки ғусл билан баданини поклаган, руҳи ва қалбини эса куфр, ширк, гумон, нифоқ каби маънавий нопокликлардан тозалаган инсонларгина Қуръонни ушлашга ҳақлидирлар. Қуръони каримни ушлаш учун таҳоратли бўлиш вожиблиги ҳақидаги ҳукм ушбу ояти каримадан олинган.

80. Оламлар Парвардигоридан нозил қилингандир.
Аллоҳ таолонинг охирги Китоби оят ва ҳадиси шарифларнинг хабарига кўра, дунё осмонига муборак Рамазон ойининг Қадр кечасида бир дафъада туширилган. Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга «Руҳул амин», «Руҳул-қудс» номларига мушарраф бўлган фаришта Жаброил алайҳиссалом воситасида йигирма уч йил мобайнида ваҳий тарзида туширилган. Ушбу Китоб тўлалигича, ҳар бир ҳарфигача барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳ томонидан нозил қилингандир. Унинг бирор ҳарфи ҳам Аллоҳдан бошқага мансуб эмасдир.

81. (Эй куфр аҳли), сизлар мана шу Сўзга бепарволик қиляпсизларми?
Эй куфр ва ширкка ботган инсонлар, сизлар юқорида тилга олинган гўзал сифатларга эга бўлган улуғ Сўз, яъни Аллоҳнинг каломи бўлган Қуръони каримга бепарволик билан қарайсизларми? Унга имон келтирмайсизларми? Сизларнинг Қуръондан насибангиз уни ёлғонга чиқариш, уни эҳтиром қилишда бепарволик кўрсатишгина бўлдими? Ҳолбуки, унга эргашганингизда дунё ва охиратдаги бахту саодатингизга кафил бўлувчи илоҳий Китобга ишонган ва амал қилган бўлардингиз.

82. Ва ёлғонга чиқаришни ўзингизга ризқ санаяпсизларми?
Яъни, шундай инсонлар борки, имон келтириш лозим бўлган нарсаларга, жумладан Қуръони каримга ишонмаслик бадбахтлигини ўз насибалари, ризқлари қилиб олишади. Шунингучун Аллоҳтаоло хитоб қилиб айтяптики, бу Қуръони каримдан сизларнинг насибангиз уни ёлғонга чиқариш ва уни эҳтиром қилишда сусткашлик кўрсатишми? Ҳолбуки, унга имон келтириб, ваҳийларга эргашганларингда у дунё ва охиратдаги саодатингизга кафил бўларди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ёмғир ёғди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлардан айримлари шукр қилиб, айримлари эса кофир бўлиб тонг орттирди”, дедилар. Баъзилар: “Бу Аллоҳ таоло туширган раҳматдир”, дейишди, бошқалари эса: “Дарҳақиқат, осмондаги фалон ўзгаришлар тўғри чиқди”, дейишди. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди”. (Муслим ривояти).
Ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб, (бир жойга) тушдилар. Мусулмонларга чанқоқлик етди. Одамларда сув йўқ эди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишди. Шунда у киши: “Мен сизлар учун дуо қилсам-да, сизлар ёмғир билан суғорилсанглар, эҳтимол биз фалон осмон ўзгариши туфайли бу ёмғир билан суғорилдик”, десангиз керак-а, бир ўйлаб кўринглар-чи”, дедилар. Шунда одамлар: “Бу, ўзгаришлар бўладиган вақт эмасдир”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳга дуо қилдилар. Шунда шамол бўлиб, булутлар оқиб келди ва ёмғир ёғди. Водийлар сувга тўлиб кетди. Одамлар идишларини тўлдириб олишди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг олдидан ўтиб қолдилар. У косасини сувга тўлдириб олар ва: “Фалон ўзгариш туфайли суғорилдик (яъни шамол булутни ҳайдаб келгани сабабли)”, дер эди. “Бу Аллоҳ таолонинг ризқидир” демасди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”. Абу Ҳурайра айтади: “Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Парвардигорингиз нима деганини кўрмадингизми? У: “Мен бандаларимга бирор неъмат берсам, улардан бир тоифаси кофир бўлади. Яъни “Юлдузлар сабабли”, дейди”, деди”.

83. Жон ҳалқумга келганидачи;
Ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилувчи кимсаларга Аллоҳ таоло хитоб қиляптики, «Агар сизлар эътиқод қилганингиздек, инсонлар қайта тирилишмаса, охиратдаги ҳисоб-китоб бўлмаса, сизларни ҳеч ким амалларингиз борасида сўроққа тутмаса, хоҳлаган ишларингизни қилиб юраверадиган бўлсаларингиз, жон ҳалқумга келиб қолганда уни жойига қайтариб қўйинглар-чи!».

84. Ҳолбуки, ўша вақтда қараб тураверасизлар.
Агар ажалингиз етиб вафот этгандан кейин қиёмат куни қайта тирилишга ишонмаётган бўлсанглар, унда сизларнинг бир севимли кишингизнинг жони чиқаётганида қўлингиздан нима келади? Унинг жони ҳалқумига келиб, ўлим аччиғини тотиб турганида сизлар унга ҳеч қандай ёрдам беролмайсизлар, жонига ора киролмайсизлар. Фақат “Калимаи тоййиба”ни айтиб, талқин қилиб турасизлар, холос. Сизларнинг қўлингиздан келадиган ягона иш ўша бечоранинг жони қандай чиқишига шунчаки томошабин бўлиб туриш бўлади. Ўлим сакаротини бошдан кечираётган одамнинг аҳволига жимгина қараб тураркансиз, бу ишда ожизлигингизни тан олишдан бошқа иложингиз қолмайди.

85. Биз унга сизлардан кўра яқинмиз, аммо сизлар кўрмайсизлар.
Сизлар бир тарафда ночор ҳолда турганингизда ўлими яқинлашган бандамизнинг нариги томонида Аллоҳнинг, Унинг фаришталарининг тургани хаёлингизга ҳам келмайди. Яъни, инсонларга меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ азза ва жалланинг Ўз бандасига қанчалар яқинлигини англамайсизлар ҳам. Ҳар қандай одамга, хусусан, жон таслим қилаётган одамга ҳам Аллоҳ таоло унинг устида турган қариндошидан кўра яқинроқ бўлади. Бошқа бир ояти каримада «Биз унга жон томиридан ҳам якрнмиз» (Қоф, 16), дейилган.

86. Қани, энди ҳисоб бермайдиган бўлсанглар;
Эй гумроҳ кимсалар, сизларнинг бу қадар бепарволигингизни, беғамлигингизни кўрганлар гўё қиёмат куни қайта тирилмайдиган, қилмишларингиз борасида Парвардигорингиз ҳузурида ҳисоб бермайдиган одам деб ўйлайди. Ваҳоланки, Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб бермайдиган бирор жон бўлмайди. Ўзларингизни қайта тирилишингизга ишонмаслигингиз ва ҳисобга тортилишни инкор этишингиз сизларни дунё ва охиратдаги барча бахту саодатдан маҳрум этади.

87. уни ўрнига қайтаринглар-чи, агар ростгўй бўлсангиз.
Эй жоҳил кимсалар, сизларнинг устингиздан ҳукм юритадиган Зот сизларни қайта тирилтирмайди, Ўз ҳузурида жамламайди, деган хомхаёлларга борманг, қиёмат ҳақидаги огоҳлантиришларни ёлғон санаб, инкор қилишга шошилманг. Агар иш сизлар ўйлагандек бўлганида ўша яқинингизнинг жони чиқишини жимгина кузатиб туриш ўрнига унинг жонини ўзига қайтариб тирилтира олармидингиз? Асло бунга қодир бўлолмайсиз, чунки ҳозиргача Аллоҳдан ўзга бирор зот ўлган одамга жон киритиб, қайта тирилтира олмаган. Аслида ким ҳам ўлган одамга жон ато қила оларди? Ким ўлаётган одамнинг жонини ҳалқумидан қайтариб, ўрнига тушира оларди? Ҳеч ким бундай қилолмайди! Шундай экан, Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир буюк яратувчи эканини тан олиб, Унга имон келтиринглар ва тоат-ибодатда бўлинглар.

88. Агар у муқарраблардан бўлса;
“Муқарраб” сўзи луғатда «яқин» маъносини англатади. Истилоҳда яқинлаштирилган, яқин қилинган, бирор зотга яқинлашган киши «муқарраб» дейилади. Масалан, муқарраб фаришта - Аллоҳга энг яқин фариштадир. Худди шу каби бандалар ҳам кучли имони, тақвоси, солиҳ амаллари билан Аллоҳга яқин бўлишлари, Унинг розилигини топишлари мумкин. Аллоҳга муқарраб бўлган, яъни яқинлаштирилган бандаларнинг мукофоти эса Аллоҳнинг ҳузуридадир.

89. роҳат-фароғатда ва Наъим жаннатидадир.
Дунё билан хайрлашаётган, жони халқумига келиб турган банда агар Аллоҳга яқинлаштирилган инсонлардан бўлса, охиратда Аллоҳнинг розилигини топиб, роҳат-фароғат ичра, неъматларга тўла Наъим жаннатида бўлади. Агар банда дунёда Аллоҳнинг ваҳийларини инкор этиб, У Зотни танимаган бўлса, унинг жойи албатта дўзахда бўлади.
Ҳадисларда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ билан мулоқотда бўлишни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам у билан мулоқотда бўлишни яхши кўради. Ким Аллоҳ билан мулоқотда бўлишни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам у билан мулоқотда бўлишни ёмон кўради”, дедилар. Одамлар бу гапни эшитиб, йиғлашга тушишди. Шунда у зот: “Нимага йиғлаяпсизлар?” деб сўрадилар. Одамлар: “Ахир бизлар ўлимни ёмон кўрамиз-ку!” дейишди. Пайғамбар алай-ҳиссалом шундай дедилар: “ Гап ундай эмас. Агар бировнинг жони ҳалқумига келганда, «Агар муқарраблардан бўлса, роҳат-фароғатда ва Наъим жаннатидадир» деб башорат берилса, у банда Аллоҳ билан мулоқотда бўлишни яхши кўриб қолади. Аллоҳ эса уни ундан ҳам яхши кўради. Агар жони ҳалқумига келган кишига «Ва агар ёлғонга чиқарувчи адашганлардан бўлса... шунда қайноқ сувдан зиёфат ва дўзахга кириб куйишдир» деб «башорат» берилса, Аллоҳ билан мулоқотда бўлишни ёмон кўради, Аллоҳ эса уни ундан ҳам ёмонроқ кўради» (Аҳмад ривояти).

90. Агар у ўнг тараф эгаларидан бўлса;
Оятдаги “асҳабул-ямин” жумласи луғатда «ўнг томон эгалари» деган маънони билдиради. Истилоҳда эса дунё ҳаётида имон-эътиқод билан ўтгани сабабли қиёмат кунида номаи аъмоллари (амаллар китоби) ўнг томонидан берилиб, жаннат неъматига сазовор бўлган мўмин-мусулмонлар шу ном билан аталади. Қуръони каримнинг ушбу Воқеа, шунингдек Муддассир, Балад сураларида ҳам ўнг томон эгаларининг фазли ва ажр-мукофотлари ҳақида бир неча ояти карималар келган.

91. шунда «Сенга ўнг тараф эгаларидан салом бўлсин».
Ушбу суранинг 26-оятида зикр қилинганидек, жаннат билан шарафланган пешқадамларни жаннат қўриқчилари “Сизларга салом бўлсин, хуш келибсизлар, унга кириб мангу қолинглар!” деган сўзлар билан қарши олишади. Жаннат аҳлига ҳар томондан фақат «Салом» деган сўзгина эшитилади, уларга ўзлари каби номаи аъмоллари ўнг томонидан берилган ва Аршнинг ўнг тарафида турадиган мўминлар ҳам салом йўллашади.

92. Ва агар ёлғон деювчи гумроҳлардан бўлса;
Аллоҳ таоло имон ва ҳидоят йўлидан адашган, Ўз оятларини инкор этиб, Пайғамбарининг сўзини ёлғонга чиқараётган гумроҳ кимсаларга хитоб қилиб, уларни охират дунёсида кутиб турган аламли азоблар, чидаб бўлмас қийноқлар ҳақида огоҳлантиряпти. Улар бу илоҳий азобларга Аллоҳнинг ваҳийларини, Унинг Пайғамбарини, илоҳий Китобни, қиёматни ва қайта тирилишни ёлғонга чиқарганлари учун гирифтор бўлишади.

93. унда қайноқ сувдан “зиёфат”;
Дўзах аҳли заққум, самум, қайноқ сув ва олов билан азобланади, уларнинг емиши фақат заққум, ичимлиги қайноқ сув бўлади. Дунё ҳаётида Аллоҳнинг оятларини инкор этиб, ёлғонга чиқариб, ўзлари куфр ва ширк чангалида қолиб кетган гуноҳкорларнинг охиратдаги аҳволлари ҳақиқатан ўта аянчли бўлади: қоринлари очса, аччиқ ва ютиш қийин бўлган заққум берилади, ташна бўлишса, чанқоқни қондирмайдиган қайноқ сув тутилади. Дўзахийлар учун қиёмат куни тайёрлаб қўйилган “зиёфат” мана шундай бўларкан, бундай «зиёфат»дан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!

94. ва дўзахда куйиш бордир.
Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини, Китоби Қуръони каримни ва охират дунёсининг борлигини ёлғонга чиқариб, инкор қилувчи гумроҳларга Аллоҳ ваъда қилган азоб-қийноқлар фақат юқорида зикр қилинган жазолар билан кифояланиб қолмайди. У ана шу ҳақиқатларни ёлғонга чиқариб, тавба қилмай ўтган бўлса, энди уни ловуллаган дўзахда абадий куйиш қийноқлари кутиб турибди. Унинг азобини янада оғирлаштириш учун ҳар гал териси куйиб битганида унга янги тери пайдо қилинади ва чидаб бўлмас азоб-оғриқлар янгидан бошланади.

95. Албатта, бу аниқ ҳақиқатдир.
Парвардингорингизнинг Ўзига муқарраб бўлган бандаларини жаннат билан мукофотлаши, қиёматга ишонмай, унинг келиши-ни инкор қилувчи гумроҳларга эса қайноқ сувдан иборат “зиёфат” ва дўзахда абадий куйиш “мукофоти”ни тайёрлаб қўйгани аниқ ҳақиқатдир, бунга асло шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас.

96. Буюк Парвардигорингизнинг исмини поклаб ёд этинг!
Шундай бўлганидан кейин солиҳ, итоаткор, тақволи бандаларини мукофотлайдиган, Аллоҳга, Пайғамбарига, Китобига, охиратга имон келтирмай, умрини беҳуда совурган кимсаларни эса қаттиқ азоблар билан жазолашга қодир Зот бўлган Аллоҳнинг гўзал исмларини поклаб ёд этинг, яъни тасбеҳ айтинг. Ҳамиша У Зотнинг зикрини қилиб, Унга ҳамду санолар йўлланг! Ушбу сўнгги оят нозил бўлганида Пайғамбар алайҳиссалом: «Ушбу оятни рукуъингизда айтинглар», деганлар (Абу Довуд ривояти). Шунинг учун намозда рукуъга борилганда «Субҳаана Роббиял азиийм» дейилади. Банда учун ўзини яратган Парвардигорининг исмини поклаб, ёдлашдан, тасбеҳ айтишдан фойдали ва муҳим бошқа вазифа йўқдир. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини ҳамиша Аллоҳнинг зикрида бўлишга тарғиб қилганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот алайҳиссалом: «Икки сўз тилга енгил, тарозида оғир, Раҳмонга суюклидир, булар: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азийм», деганлар (Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким «Субҳаналлоҳил азийм ва биҳамдиҳи» деса, унга жаннатда бир хурмо экилади», деганлар (Термизий ривояти).
Воқеа сурасининг фазилатлари ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Бу сураи карима “Ризқ сураси” деб ҳам аталади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Воқеа сурасини ҳар кеча ўқиса, камбағаллик ва ҳожатмандлик кўрмайди», деганлар. Ривоятларда келиши-ча, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганида халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўргани келибди ва у кишига: “Нимадан шикоятинг бор?” дебди. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Гуноҳларимдан”, деб жавоб берибди. “Нима хоҳлайсан?” деб сўрабди ҳазрати Усмон. “Парвардигоримнинг раҳматини”, дебди Абдуллоҳ ибн Масъуд. “Сенга табиб юборайми?” сўрабди ҳазрати Усмон. “Табибнинг (яъни Аллоҳ) Ўзи касал қилди”, деб жавоб қилибди Абдуллоҳ ибн Масъуд. “Бўлмаса, моддий ёрдам беришни буюрайин?”. “Менинг унга ҳожатим йўқ!”. “Сенга бўлмаса, ор-тингдан қолган қизларингга керак бўлар?” дебди ҳазрати Усмон. “Қизларимнинг камбағал бўлишларидан қўрқяпсанми? Менинг бешта қизим бор. Барчаларига ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Ким Воқеа сурасини ҳар кеча ўқиса, камбағаллик ва ҳожатмандлик кўрмайди» деганларини эшитган эдим», деган экан Абдуллоҳ ибн Масъуд.
Жобир ибн Самурадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларнинг намозингизга ўхшаш намоз ўқир эдилар, аммо у киши енгил ўқирдилар. Бомдод намозида Воқеа сурасини ва шунга ўхшаш сураларни ўқир эдилар» (Аҳмад ривояти).
Юқорида зикр қилинганидек, Воқеа сурасида қиёмат куни ва унинг даҳшатли манзаралари батафсил баён қилинган. Бунга тўлиқ ишонган, Қуръони каримнинг ҳар бир оятини юракдан ўтказган инсон қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам тўғри тушуниши мумкин бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир куни: “Эй Аллоҳнинг Расули, сочингизга оқ тушибди?” деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳуд, Воқеа, Вал-мурсалот, «Амма ятаса-алун» ва «Изаш шамсу куввирот» сура-лари сочимга оқ туширди”, дедилар» (Термизий ривояти).

Орқага Олдинга