loader

049. Ҳужурот сураси

Мадинада нозил бўлган, 18 оятдан иборат

“Ҳужурот” сўзи луғатда «ҳужралар» деган маънони билдиради, Қуръони каримнинг қирқ тўққизинчи сураси номи, Мадинада нозил бўлган, 18 оятдан иборат. У нисбатан қисқа бўлишига қарамай, исломий одоб-ахлоққа доир жуда кўп қонун-қоидаларни, Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан муомала одобини, жамият интизомини сақлаш учун зарур бўлган кўпгина йўл-йўриқларни қамраб олган. У мўминларни бировларни масхаралаш, турли лақаблар тақиш, ғийбат, айғоқчилик, бадгумонлик, мунофиқлик каби иллатлардан сақланишга чақиради. Сурада Пайғамбар алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоллари бўлмиш оналаримиз истиқомат қиладиган ҳужралар зикр қилинган ояти карима борлиги учун у шундай номланган. Бу сураи каримани уламолар «Одоб ва ахлоқ сураси» деб ҳам аташади, чунки унда мўмин кишининг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан одоби, Набий алайҳиссаломга нисбатан одоби, ўзига ва бошқаларга нисбатан одоби баён қилинган.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан ва Унинг Пайғамбаридан олдинлаб кетманглар ва Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ эшитувчидир, билувчидир.
«Одоб ва ахлоқ сураси» деб аталган ушбу суранинг илк оятида Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга Ўзи билан ва Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом билан қандай одобда бўлиш кераклигини баён қилиб беряпти. Муфассирларнинг айтишларича, “Аллоҳдан ва Унинг Пайғамбаридан олдинлаб кетманглар” жумласи бир неча хил маънони билдиради: Аллоҳнинг ҳузурида турганингизда (масалан, масжидда, ибодатда, зикр мажлисларида) ўз ишларингиз ва сўзларингиз билан бошқалар эътиборини қозонишга уринманг; сўз ва иш-амалларингизда олдинда турган имомингиздан (раҳбарингиздан, Пайғамбарингиздан) илгарилаб кетманг; вақти-муҳлати етиб келмаган ишларни тезлаштиришга уриниб, сабрсизлик кўрсатманг, ўзбошимчалик қилманг, чунки бунга Ўз Пайғамбари орқали ваҳийларини юборувчи Аллоҳ таологина қарор қилади, уни фақат Ўзи рўёбга чиқаради. Чунки У Зот ҳамма нарсани эшитиб-билиб турувчидир.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши: «Баъзи одамлар фалон масалада ундай оят нозил бўлсайди, писмадон масалада бундай оят нозил бўлсайди, мана бу тўғри бўлса эди, дейишарди. Бу Аллоҳга ёқмади ва ушбу оятни нозил қилди», деган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятни тушунтириб: «Қуръон ва Суннатга хилоф гап айтманг» деган маънони айтган. Булар мўмин банданинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога, Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан одобидир, айни пайтда шариатнинг асл қоидаси ҳамдир. Мўмин-мусулмон киши ҳар бир иш, сўз ёки тасарруфдан олдин ушбу ишда Аллоҳнинг ҳукми ёки суннат қандайлигини билиб, сўнгра унга қўл уриши лозим. Ўзбошимчалик билан кўнгилга келган ҳар қандай ишни қилавериш унга тўғри келмайди. Олдинги ўтган мусулмонлар бу кўрсатмага тўлиқ риоя қилишган ва шунинг учун ҳам ишлари ҳамиша ўнгидан келган.
Ривоятда келишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Муъоз ибн Жабални Яманга юбораётганларида ундан: “Нима би-лан ҳукм қиласан?” деб сўрадилар. Муъоз розияллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг Китоби билан”, деб жавоб берди. Пайғамбаримиз: “Агар ундан тополмасанг-чи?” деб сўрадилар. Шунда Муъоз розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан”, деди. Расули акрам: “Ундан ҳам топа олмасангчи?” деб сўрадилар. Шунда Муъоз розияллоҳу анху: “Ўз фикрим ва ақлим билан уринаман, бўш келмайман”, деди. Пайғамбар алайҳиссалом хурсанд бўлган ҳолда у кишининг кўксига уриб: “Аллоҳ Расулининг вакилини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага бошлаган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!” дедилар (Термизий ривояти). Пайғамбар алайҳиссалом бирор оддий нарсани сўраб қолсалар. карамли саҳобалар ушбу оятдаги амрни бузишдан қўрқиб, «Ўзингиз биласиз», дейишар эди. Ояти карима мўминларни Аллоҳдан қўрқишга бежизга чорламаяпти. Чунки Аллоҳдан қўрқиш барча гўзал ахлоқ-одобларни тақводорда жамлайдиган ишдир. Шу жумладан, фақат тақводор бандагина сўзи ва ишида Аллоҳдан ва Унинг Расулидан олдинлаб кетишга шошилмайди.

2. Эй имон келтирганлар! Ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз зое бўлиб кетмаслиги учун овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва бир-бирларингиз билан дағал сўзлашгандек унга баланд овозда гапирманглар.
Аллоҳ таоло ушбу ояти карима муолажа қиладиган масаланинг ўта муҳимлигидан бандаларига “Эй имон келтирганлар” жумласи билан хитоб қилмоқда ва овозларини Пайғамбар алайҳиссаломнинг овозларидан кўтариб юбормасликни, бир-бирлари билан сўзлашгандек у зотга дағал-қўпол гапирмасликни буюрмоқда. Оятнинг нозил бўлиши борасида бир неча ривоятлар бор. Ҳижратнинг тўққизинчи йили Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига Бани Тамим қабиласининг вакиллари келиб, Исломни қабул қилган пайтларида ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, уларга Қаъқоъ ибн Маъбадни амир қилинг”, деди. Умар розияллоҳу анҳу эса: “Ақраъ ибн Ҳобисни амир қилинг”, деди. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Сен менга зид иш тутишни хоҳлаб, шундай қилдинг”, деган эди, ҳазрати Умар: “Мен бундай қилишни хоҳлаганим йўқ”, деб жавоб берди. Орада зиддият кучайиб, улар бир-бирларига овозларини кўтариб юборишди. Шу воқеа мазкур оятнинг нозил қилинишига сабаб бўлган экан. Ушбу оят нозил бўлгандан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, энди сиз билан фақат сирдошим билан гаплашгандек гаплашаман», деган эканлар (Бухорий ривояти). Демак, мусулмон инсон Набий алайҳиссалом бор жойда овозини у зотнинг овозларидан баланд қилмаслиги керак. Уламоларимиз ушбу маънодан келиб чиқиб, «Мусулмонларнинг ўз ота-оналари, устозлари, раҳнамолари ва муҳтарам зотлар бор жойда ҳам овозларини баланд кўтармасликлари, одоб доирасидан чиқмасликлари талаб қилинади», дейишган. Аллоҳнинг Пайғамбарига бу каби одобсизликлар қилиш бандаларнинг амаллари ҳабата (бекор) бўлиб кетишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Қуръони каримнинг бошқа оятлари каби ушбу ояти карима ҳам барча саҳобаларга қаттиқ таъсир қилди. Улар оятдаги «...ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз зое бўлиб кетмаслиги учун» жумласининг чин маъносини англаб етганларидан сўнг қалблари титраб, қаттиқ қўрқувга тушиб қолишди ва ўзларини тафтиш қила бошлашди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Собит ибн Қайс ибн Шаммос баланд овозли одам эди. «Эй имон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар...» ояти нозил бўлганида у «Пайғамбарга овозини кўтарган ўша одам менман, дўзах аҳлидан бўлган ҳам менман, қилган амалим ҳабата бўлди» деб, аҳли-аёли ичида хафа-ғамгин бўлиб ўтириб қолди. Шу пайт уни Расулуллоҳ алайҳиссалом излаб қолдилар. Одамлар унинг олдига бориб: “Сени Расулуллоҳ алайҳиссалом излаяптилар, сенга нима бўлди?” дейишди. Шунда у: “Овозини Пайғамбарнинг овозидан баланд кўтарган менман, у кишига дағал сўз айтган ҳам менман, амалим ҳабата (бекор) бўлди, мен дўзах аҳлиданман”, деди. Келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга бу хабарни етказишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ, у жаннат аҳлидандир”, дедилар» (Аҳмад ривояти).
Муфассирлардан Ибн Касир шундай деган: «Пайғамбар алайҳис-саломнинг қабрлари олдида овозни баланд кўтариш худди тирик пайтларида ҳузурларида овозни баланд кўтаргандек макруҳдир, чунки у зот ҳаётларида муҳтарам бўлганларидек қабрларида ҳам муҳтарамдирлар». Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссалом масжидларида икки кишининг овози кўтарилганини эшитиб,уларнинголдига келди ва: “Икковингиз қаердатурганингизни биласизми?” деди. Кейин: “Қаердансизлар?” деб сўради. Улар тоифлик эканларини айтишди. Шунда ҳазрати Умар: “Агар ма-диналик бўлганларингизда яхшилаб адабингизни берардим”, деди.

3. Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини пастлатганлар - ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Уларга магфират ва буюк мукофот бор.
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло овозни пастлатиб сўзлашиш Пайғамбар алайҳиссаломга ҳурмат бўлиши билан бирга, қалбдаги тақвонинг нишонаси ҳам эканини таъкидлайди. Бу оятга ва олдинги икки оятга амал қилиб, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларида овозларини пастлатганлар улкан даражага эришган зотга айланишлари баён қилинади. Бундай кишиларнинг қалблари тақво имтиҳонидан эсон-омон ўтиб, ўзлари ҳақиқий тақводорлик мартабасига сазовор бўладилар. Бундайларга эса охират диёрида Аллоҳнинг улкан мағфирати ва буюк мукофотлар - Парвардигорларининг розилиги ва жамоли, жаннатдаги абадий фароғатли ҳаёт тайёрлаб қўйилган. Ушбу оятдан кўплаб шаръий ҳукмларни олиш мумкин. Жумладан, инсон қалбининг нажоти кўп жиҳатдан унинг Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан бўлган одобига боғлиқдир. Уламолар «Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларида ёки қабрлари ёнида овозни баланд кўтариш тақиқланганидек, олимлар ҳузурида у кишининг ҳадисларини ўқиётганда ҳам ман қилинади», дейишган. Яна оятдан аён бўладики, инсон қалби имтиҳон қилинганида ундан ўтганига «тақво» деб номланган улуғ неъмат раво кўрилади, ўтмаганига эса раво кўрилмайди. Бу нарса Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда ҳам зикр қилин-ган: «Қалблар бирма-бир фитналарга учратиб чиқилади. Қайси қалб уларни қабул қилса, уларга қора доғ тушади, қайси қалб инкор қилса, оқ доғ тушади. Охири қалблар икки хил бўлиб қолади. Бир хили Сафо сингари оппоқ бўлиб, осмонлару Ер бор экан, унга фитна зарар қила олмайди. Иккинчиси қоп-қора бўлиб, бундай қалбнинг эгаси яхшиликни билмайди, ёмонликдан қайтмайди, ҳавойи нафси буюрганидан бошқани қилмайди».
Мужоҳиддан қуйидагича ривоят келтирилган: «Ҳазрати Умарга: «Эй мўминларнинг амири, гуноҳ ишни хоҳламайдиган ва қилмайдиган одам афзалми ёки хоҳлаб туриб, қилмайдиган одам афзалми?» деб хат ёзишибди. Ҳазрати Умар: «Албатта, гуноҳни хоҳлаб туриб, қилмайдиганлар афзал, ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир», деб жавоб ёзган экан” (Аҳмад ривояти).
Ато Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилади: «Овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар» ояти нозил бўлгач, Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан фақат сирдош биродардек гаплашишга қасам ичди. Шунда Аллоҳ таоло Абу Бакр ҳақида ушбу оятини нозил қилди”.

4. (Эй Муҳаммад), ҳужралар ортидан туриб сизни чақирадиганларнинг кўплари ақл юритмайдилар.
Шундан кейинги оятларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳурматларини жойига қўймай, овозларини баланд кўтариб, бақир-чақир қилганлар зикри келган. Оятда бундай қилиш нақадар ноқулай иш экани воқеъликдаги жонли мисол билан исботланади. Яъни, эй Пайғамбар, ҳужраларингиз ортида туриб олиб сизни чақирадиганларнинг кўплари ақл юритмайдиган кимсалардир. Сийрат китобларида зикр қилинишича, Макка фатҳ этилиб, Табук ғазотидан ҳам фориғ бўлинди. Сўнгра Тоифдаги Сақиф қабиласи Исломга киргач, атрофдаги турли араб қабилаларидан элчлар кела бошлади. Шу жумладан, Бани Тамим қабиласидан Уторид ибн Ҳожиб ибн Зурора ибн Адас Тамимий қабила улуғларига бош бўлиб келди. Бани Тамимдан келган кўп сонли элчилар гуруҳи орасида бошқа қабиланинг одамлари ҳам бор эди. Элчилар масжидга кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужралари ташқарисидан: “Эй Муҳаммад, биз келдик, буёққа чиқ!” дейишди. Уларнинг бу беодоблиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир ботди. У зот элчиларнинг олдига чиққанларида улар яна: “Эй Муҳаммад, бизлар ёнингга бир мақтанишамиз, деб келдик. Бизнинг шоиримиз ва хатибимизга изн бер”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хатибларингизга изн бердим”, дедилар. Ўртада икки томоннинг шоир ва хатиблар тортишиб кетишди. Мусулмон шоирлардан Ҳассон ибн Собит сўзини тугатгач, Бани Тамимдан Ақраъ ибн Ҳобис шундай деди: “Отам билан қасам ичаманки, бу одам (у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора қилди) Худо берган одам экан. Унинг хатиби хатибимиздан сухандонроқ, шоири шоиримиздан ўткирроқ, уларнинг овозлари овозларимиздан ширалироқ экан”. Фахрланиш беллашуви тугаши билан ҳаммалари Исломни қабул қилишди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам уларни яхши мукофотлар билан сийладилар. Шунда улар ҳақида оят нозил бўлди.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Тамим қабиласидан бир гуруҳ кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, остонадан: «Эй Муҳаммад, олдимизга чиқ, бизнинг мақтовимиз зийнат, қоралашимиз шармандаликдир», деб нидо қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни эшитиб, чиқдилар ва: “Мақтови зийнат, ёмонлаши шармандалик бўлган Зот - Аллоҳдир”, дедилар. Улар: “Биз Бани тамимликлармиз. Сен билан шеър айтиш, мақтаниш учун шоирларимиз ва хатибларимизни олиб келдик”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен шеър айтиш учун юборилмадим, мақтанишга буюрилмадим, лекин (майли) келинглар”, дедилар. Шунда Забруқон ибн Бадр ўз йигитларидан бирига: “Турда, ўз фазлингни ва қавмингнинг фазлини зикр қил”, деди. У туриб: “Ҳамд бўлсин Аллоҳгаки, у бизни халқларнинг яхшиси қилди. Бизга кўп мол-дунё берди. Хоҳлаган ишимизни қиламиз. Биз Ер аҳлининг энг яхшилариданмиз. Саноғи, моли, қурол-яроғи энг кўп одамларданмиз. Ким сўзимизни инкор қилгудай бўлса, сўзимиздан яхшироқ ва чиройлироқ сўзни келтирсин. Бизнинг саҳоватимиздан кўра яхшироқ саховатни келтирсин”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Собит ибн Қайс ибн Шаммосга: “Туриб, жавоб қайтар”, дедилар. У туриб, шундай деди: “Аллоҳга мақтовлар бўлсин. Унга ҳамд айтаман, Унга имон келтираман, Унга таваккал қиламан. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, У ягонадир. Унинг шериги йўқдир. Ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад унинг бандаси ва Расулидир. У киши амакиларининг ўғилларидан муҳожир ва ансорларни чақириб олдилар. Улар инсонларнинг энг ҳурматлилари эди. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, У бизни Пайғамбарнинг ёрдамчилари, издошлари қилди. Динимизга қувват берди. Инсонлар «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деб гувоҳлик бермагунларича улар билан жанг қиламиз. Ким шу сўзни айтса, моли ва жонини биздан ҳимоя қилиб, сақлаб қолибди. Ким бундан юз ўгирса, биз уни ҳалок қиламиз. Мен бу сўзимни айтдим. Аллоҳдан мўминлар ва мўминалар учун истиғфор сўрайман”. Шунда Забруқон ибн Бадр ўз йигитларидан бирига: “Эй фалончи, турда, ўзингнинг ва қавмингнинг фазлини зикр қиладиган байтлар айт”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳассон ибн Собитга одам юбордилар. Чопар борганида Ҳассон: “Мендан нима хоҳлайдилар, ҳозиргина ҳузурларида эдим-ку?” деди. Чопар: “Бани Тамим қабиласидан шоир ва хатиблар келибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Собит ибн Қайсга буюрган эдилар, уларга жавоб қайтарди. Уларнинг шоирлари гапирди. Энди жавоб қайтаришинг учун сени чорлаяптилар”, деди. Ҳассон келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб қайтаришни буюрдилар. Шунда Ақроъ ибн Ҳобис туриб: “Аллоҳга қасамки, мен бошқа бир мақсадда келдим. Мен бир шеър айтай, сен эшитгин”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Айтчи!” дедилар. У айтди. Шунда Пайғамбар алай-ҳиссалом: “Тур, эй Ҳассон, жавоб қайтар”, дедилар. У туриб шеър ўқиди. Шунда Ақроъ ибн Ҳабис туриб: Албатта Муҳаммад хожадир. Аллоҳга қасамки, бу иш нималигини мен билмай қолдим. Уларнинг хатиби бизникидан кўра яхшироқ сўзларкан. Шоиримиз гапирган эди, уларнинг шоирлари яхшироқ экан”, деди ва кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб: “Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, сиз Аллоҳнинг элчисисиз”, деди. Кейин эса Пайғамбар алайҳиссалом уларга ҳадялар бериб турдилар.
5. Агар улар то олдиларига чиққунингизгача сабр қилишганида ўзларига яхши бўларди. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Бу оятларнинг нозил бўлишига воқеълиқца юз берган ҳодисалар сабаб бўлган. Макка фатҳидан кейин арабларнинг бир неча қабилаларидан Ақраъ ибн Ҳобис, Уяйна ибн Ҳисн ва бошқалардан иборат бир гуруҳ кофирлар асир тушган одамларини Пайғамбар алайҳис-саломдан қайтариб олиш мақсадида келиб, у зотнинг ҳужралари ортида туриб чақира бошлашади. Кун иссиқлиги сабабли Пайғамбар алайҳиссалом истироҳатда эдилар. Безовталаниб, уларнинг олдига чиқдилар ва ишини битириб бердилар. Аммо Пайғамбарига қилинган беодоблик Аллоҳ таолога хуш келмади ва одобсизларга танбеҳ ўлароқ ушбу оятларини нозил қилиб, инсониятга мурожаат одобидан таълим берди. Ушанда Бани Тамим қабиласининг бошлиғи Ақраъ ибн Ҳобис келиб, Пайғамбаримиз аҳли аёллари билан истиқомат қиладиган ҳужраларининг ортида турганча: «Ҳой Муҳаммад, ҳой Муҳаммад! Менга қара! Менинг мақтовим зийнат, ёмонлашим айбдир», деган экан. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилган. Агар бундай қўпол ва жоҳиллар ақлларини ишлатганларида Аллоҳнинг Пайғамбарини ҳужра ортидан туриб, қўполлик билан «Эй Муҳаммад! Эй Муҳаммад!» деб чақиришмас, балки уйида, аҳли аёлининг ҳузурида турган одамга, Аллоҳнинг танлаб олган Пайғамбарига кўрсатилиши лозим бўлган юксак одоб намуналарига амал қилишар эди. Ана шундай беодобликка йўл қўйганлар агар тавба қилишса, қилган одобсизликларига афсус чекишса, уни такрорламасликка азму қарор қилишса, Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилиб, Ўз раҳмати ва марҳаматига сазовор этади. Мусулмонлар бу юксак одобга қатъий риоя қилишади, улар нафақат Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан, балки ҳар бир олим, фозил кишиларга қиладиган муомалаларида ҳам бу одобга қатъий амал этишади.

6. Эй имон келтирганлар! Агар сизларга бир фосиқ хабар келтирса, яна билмай бирор қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилмишингизга надомат чекмаслигингиз учун уни аниқлаб кўринглар.
Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтяптики, бирор фосиқ кимса келтирган хабарни эшитсангиз, олдин унинг ростлигини аниқлаб-текшириб кўринглар, яна нотўғри хабарга ишониб, билмаган ҳолда қавмга мусибат етказиб қўйманглар, акс ҳолда кейин қилмишларингизга афсус-надомат қилиб юрасизлар. Ибн Исҳоқ шундай дейди: “Менга Язид ибн Румон шундай сўзлаб берди: “Бани Мусталақ қавми мусулмон бўлганларидан сўнг Расулуллоҳ соллал-лоху алайҳи васаллам уларга Валид ибн Уқба ибн Абу Муъайтни юбордилар. Унинг келишини эшитиб, одамлар у томон отланиб кела бошлашди. Бундан хабар топган Валид қўрқиб, Расулуллоҳнинг олдиларига қайтиб келди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга улар уни ўлдирмоқчи бўлишганини, ўзлари қабул қилган закотни беришдан бош тортишганини айтди. Шунда мусулмонлар уларга қарши уруш қилиш ҳақида гап-сўз қила бошлашди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам улар билан урушиш ҳақида ўйлаб қолдилар. Ҳамма шу ҳолда турганида Бани Мусталақнинг элчиси келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизнинг элчингиз келаётганини эшитиб, уни иззат-икром билан кутиб олиш ва қабул қилган садақамизни топшириш учун кетаётган эдик. У эса қайтиб кетибди ва сизга биз уни ўлдириш учун келганимизни айтибди. Аллоҳга қасамки, биз бу мақсадда келмаган эдик. Шунда Аллоҳ таоло улар тўғрисида юқоридаги ва қуйида келадиган оятларни нозил қилди”.
“Асбабун-нузул” китобида зикр қилинишича, бу оят Валид ибн Уқба ибн Абу Муъайт ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни закот йиғувчи қилиб Бани Мусталақ қабиласига юбордилар. Жоҳилиятда Валид билан Мусталақ қабиласи ўртасида адоват бор эди. Қавм унинг келаётганини эшитиб, Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳурмат юзасидан унинг истиқболига чиқишди. Шунда шайтон уни «улар сени ўлдиришади» деб васваса қилди. Ва-лид улардан қўрқиб йўлидан қайтди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига бориб: “Бани Мусталақ закотларини беришмади ва мени ўлдирмоқчи бўлишди”, деди. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб, уларга қарши урушиш ҳаракатига тушдилар. Қавмнинг одамлари Валиднинг қайтиб кетганини билиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришди ва: “Биз сизнинг элчингизнинг келишини эшитиб, унинг истиқболига чиқдик, уни иззат-ҳурмат билан кутиб олмоқчи ва унга Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлган закотни бермоқчи бўлдик. У эса бирдан қайтиб қолди. Биз уни йўлдан сиздан келган мактуб қайтарди, деб ўйладик. Шу хатда бизга ғазаб қилгансиз, деб қўрқдик. Биз Аллоҳ ва Унинг Расулининг ғазабидан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло бу оятни нозил қилди. Фосиқдан мурод Валид ибн Уқба эди.
Ҳорис ибн Зирор айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боргандим, мени Исломга чақирдилар. Мен иқрор бўлиб, Исломга кирдим. Мени закот беришга чақирдилар, буни қабул қилдим ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен қавмимга қайтиб, уларни Исломга ва закот беришга чақираман. Ким даъватимни қабул қилса, закотини йиғаман. Фалон вақтда менга одам жўнатинг, сизга йиққан закотни бериб юбораман”, дедим”. Воқеанинг давоми ровий тилидан баён қилинади: “Ҳорис ибн Зирор закотни йиғди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам жўнатишлари керак бўлган вақт келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамлари кечикиб қолди. Шунда Ҳорис бу борада Аллоҳ ва Унинг Расулидан ғазаб(га сабабчи бир иш) бўлганмикан, деган гумонга борди ва қавмининг катталарини чақириб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бир вақт белгилаб, закотни олиб кетиш учун одам юбормоқчи эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам-дан ваъдага хилоф иш сира содир бўлмаган. Мен у кишининг норозиликлари, ғазаблари туфайлигина одам келмаяпти, деб ўйлаяп-ман. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ўзимиз борамиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса закотни олиб келиш учун Ҳориснинг олдига Валид ибн Уқбани юборган эдилар. Валид йўлга чиқиб маълум жойга етгач, қўрқиб ортига қайтди ва “Эй Аллоҳнинг Расули, Ҳорис менга закотни бермади ва мени ўлдирмоқчи бўлди”, деди. Буни эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳорисга қарши қўшин жўнатдилар. Ҳорис ҳамроҳлари билан Мадинага келаётиб, йўлда қўшинни учратди. Қўшин Мадинадан чиққан эди. Улар: “Бу Ҳориску!” деганча уларни ўраб олишди. Ҳорис уларга: “Кимга қарши юборилдинглар?” деди. Улар: “Сенга қарши”, дейишди. У: “Нима сабабдан?” деди. Улар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга Валид ибн Уқбани юборган эдилар. У қайтиб келиб, сен закотни бермаганингни ва уни ўлдирмоқчи бўлганингни айтди”, дейишди. У: “Муҳаммадни Ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен уни кўрмадим, олдимга ҳам келмади”, деди. Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Закотни бермабсан, менинг элчимни ўлдирмоқчи ҳам бўлибсан”, дедилар. У: “Йўқ, сизни юборган Зотга қасамки, элчингизни кўрмадим, у олдимга келмади ҳам. Элчингиз келавермагач, Аллоҳ ва Унинг Расулидан бирор норозилик бўлиб қолганмикин деб, қўрқиб келдим”, деди. Шунда ушбу оят нозил бўлди”.
Кейинги оятнинг маъносига қараганда, мусулмонларнинг ичида Валид ибн Уқбанинг хабарини эшитгандан сўнг Ҳорис розияллоҳу анҳуни ўлдиришга шошилиб, Набий алайҳиссаломни қистаганлар ҳам бўлганга ўхшайди. Шунинг учун ҳам кейинги оят уларга ичларида Набий алайҳиссаломнинг бўлишлари улкан илоҳий неъмат экани ва буни қадрлаш лозимлигини эслатиб қўймоқда:

7. Билингларки, ораларингизда Аллоҳнинг Расули бордир. Агар у кўп ишларда сизларга итоат қилса, албатта машаққат-ларга дучор бўлардингиз. Лекин Аллоҳ сизларга имонни севимли қилди ва уни қалбларингизга зийнатлади ва сизларга куфрни, фисқни ва исённи ёмон кўрсатди. Ана ўшаларгина тўғри йўлда юрувчилардир.
Саодат асридаги карамли саҳобаларнинг бахти-саодати шунда эдики, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбари ва у зотнинг атрофидаги кишиларнинг ишларига аралашиб, хатоларини тўғрилади, адашганларида ҳақ йўлга солди, унутганларини эсларига солди. Умматга Ўз Расулини ибрат ва ўрнак олинадиган йўлбошчи қилиб юборди. Ушбу суранинг олдинги оятларидан бошлаб Аллоҳ ва Унинг Расулидан олдин бирор нарсани бошлаб юбормаслик, ҳамиша раҳбариятга бўйсуниш, уларнинг қарор ва ҳукмларини кутиб туриш таъкидлаб келинаётган эди. Валид ибн Уқба ҳодисасига келганда, мазкур тавсиялар ёддан кўтарилиб, баъзи кишилар яна шошқалоқлик қилишди, ораларида Аллоҳнинг Пайғамбари яшаб турганларини унутиб қўйишди. Шунда Аллоҳ таоло дарров бу хатони тўғрилаш учун Ўзи аралашиб: «Ўзларингизча ишларни тасарруф қилаверманглар, ораларингиздаги Пайғамбарнинг Бизнинг оятларимиз ёки ўзининг суннати билан йўл бошлагани афзалдир», деди. Кейин эса агар Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг гапига кириб, айтганларини қилаверсалар, мусулмонларнинг турли машаққатларга дучор бўлишлари эслатилмоқда. Аммо шариат кўрсатганидек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг шўро-маслаҳат сифатида саҳобаларнинг фикр-мулоҳазаларини билишлари ёки уларнинг фикрига қўшилишлари бунга кирмайди. Ҳар ким ўзича таклиф киритавериши эса яхшиликка олиб келмайди.
Оят давомида Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзининг яна бошқа улкан неъмати - имон неъматини берганини ҳам эслатмоқда. Зотан, ҳар бир мусулмоннинг олий мақсади қалбидаги имон гавҳарини бузуқ эътиқодлардан, куфр, фисқ-фужур, исён ва ширқцан сақлаган ҳолда Аллоҳ таолонинг розилигини топишдир. Буюрилган фарз амалларини бажариш, ёмонликлардан тийилиш, тақдирга рози бўлиш имон ҳаловатини топишнинг асосий омилларидандир. Мўмин киши имонини дунёдаги барча лаззатлардан, орзу-ҳаваслардан кўпроқ яхши кўради. Ундан ажраб қолишни оловда ёнишдан ҳам кўпроқ ёмон кўради. Чунки имонидан айрилган киши икки дунёдаги бахтидан ажрайди, охиратда абадий жазога маҳкум бўлади. Аллоҳ таолони қўйиб, бошқа ожиз ва сохта “илоҳ”ларга сиғиниш, ҳожатларини улардан сўраш, улардан қўрқиш имоннинг заволига олиб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга “Кесилсанг ҳам, куйдирилсанг ҳам Аллоҳга бирор нарсани шерик қилма”, деганлар. Қалби имон билан зийнатланган, куфрни, фисқни, исённи ёмон кўрган солиҳ инсонларгина Аллоҳнинг тўғри йўлида, ҳидоятда юрувчилардир.

8. Бу Аллоҳдан фазл ва неъматдир. Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир.
Яъни, Аллоҳ азза ва жалла ҳар бир бандасининг салоҳияти, иқтидори ва қобилиятини яхши билади. Шунинг учун У ҳар бир кишининг ўз даражасига муқобил равишда муносиб мақом иноят қилади. Ва Унинг ҳар бир санъатида беҳисоб ҳикматлар бордир. Аллоҳ таолонинг баъзи бандаларига имонни севимли қилиб кўрсатиб, уларнинг қалбларида имонни зийнатлаши, куфр, фисқ ва исённи ёмон кўрсатиб қўйиши У Зотнинг улуғ фазли ва неъматидир. Дарҳақиқат, АллоҳнингЎзидан бошқа ҳеч бир зот, ҳатто пайғамбар ҳам одамларнинг қалбига имонни жойлаб қўя олмайди. Бу ишни ягона Аллоҳнинг Ўзи фазли билан бандаларига неъмат қилиб беради.

9. Агар мўминлардан икки тоифа урушиб қолсалар, дарҳол ўрталарини ислоҳ қилинглар. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, тажовуз қилгани то Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар унга қарши урушинглар. Агар у қайтса, дарҳол ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинглар. Адолатли бўлинглар, зеро Аллоҳ адолат қилувчиларни севади.
Юқорида келган ҳукмларга амал қилмаслик ҳатто мўминларга ҳам катта азият етказиб қўяди. Ушбу оятда васф қилинаётганидек, агар улар бир фосиқнинг гапини текшириб ҳам кўрмай унга ишонишса, ўзаро урушиб кетишлари ҳам мумкин. Аслида, мўмин-мусулмонлар бир оила фарзандларидекаҳил, дўст-биродар бўлишлари зарур. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом мусулмонларнинг бир-бирларига дўст, биродар, кўмакдош бўлишлари зарурлигини бундан ўн беш аср муқаддам эълон этиб, Ислом умматини ўзаро биродарликка, қардошликка, ҳамкорликка чақирганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманга ҳам топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ ҳам унинг ҳожатида бўлади. Ким мусулмондан ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло уни қиёмат ғам-ташвишла-ридан халос этади. Ким мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳам (айбини) беркитади» (Бухорий ва Муслим ривояти). Мусулмонларнинг бир-бирлари билан урушиш-лари ҳаром. Пайғамбар алайҳиссалом «Икки мусулмон бир-бирига қурол ўқталса, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахдадир», деганлар. Аллоҳ асрасину аммо фаразан шундай бўлиб қолса, урушиб кетган ўша икки тоифани яраштириб, сулҳга келтириб қўйиш ҳам қолган мўминларга вожиб бўлади. Бу иш қилинмаса, ҳамма бараварига гуноҳкор бўлади. Чунки Аллоҳ таолонинг ушбу амри бажарилмай қолган бўлади. Ислоҳ қилиб бўлинганидан кейин ўша урушган икки тоифадан бири сулҳни бузиб, иккинчисига тажовуз қилса, у тоифа «тоифаи боғия» деб аталади ва унга қарши барча уруш очади. Бу уруш «тоифаи боғия» Аллоҳнинг амрига, яъни Қуръон ва Суннатга қайтгунича давом этади. Оятдаги “Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, тажовуз қилгани то Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар унга қарши урушинглар” деб буюрилишидан мурод шудир.
Айниқса, бугунги таҳликали асримизда, айрим хорижий ўлкаларда мусулмонларнинг эътиқоди, иззат-нафси топталаётган, хўрланаётган, иймонига тажовузлар тўхтамаётган ҳозирги даврда мусулмонлар бирдамлиги ва биродарлигининг аҳамияти, қиймати ортиб бораётир. Аллоҳ таоло бизларни, дўст-биродар бўлишга буюрган. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни яхлит бир жасадга ўхшатган эканлар. Шундай бўлгач, нега жоҳилият даврининг душманлик ва ёвузликларига тақлид қиляпмиз? Ораларимизда низо, кўролмаслик, ғийбат, ҳақорат, адоват каби ярамас иллатларнингурчишига йўл қўймоқдамиз?Ўзимизниўнглаш вақти келди. Шахсий низолар, тарафкашликлар билан душман тегирмонига сув қуйишга барҳам бериш пайти келди. Аллоҳнинг йўлида, Унинг ризолигига эришиш ниятида бир-биримиз билан дўстлашиш, самимият ила муомала-муносабатда бўлиш, ёрдам кўрсатиш, хайрихоҳлик қилиш пайти келди. Чунки Ислом биродарлиги - дунёда нусрат, иззат, улуғлик бўлса, охиратда жаннат, фароғат, абадий неъматдир. Бир донишманд айтганидай, «Умматнинг равнақини иттифоқдан излаш керак».
Анасдан ривоят қилинади: “Мен: Эй Аллоҳнинг Расули, Абдуллоҳ ибн Убайнинг олдига борсангиз эди”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига бормоқчи бўлиб эшакларига миндилар. Мусулмонлар пиёда йўлга тушишди. Йўл шўр бўлиб, тупроғи чиқиб ётарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Убайнинг олдига борганларида у: “Мендан нарироқ тур. Аллоҳга қасамки, эшагингнинг сассиқ ҳиди менга азият беряпти”, деди. Буни эшитган ансорлардан бири: - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшакларининг ҳиди сени ҳидингдан яхшироқдир”, деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Убайнинг қавмидан бир киши унинг тарафини олиб ғазаб қилди. Ҳар иккала тараф кескин низога боришди, ҳатто бир-бирларига кавушлар отиб, уришиб кетишди. Шунда улар ҳақида юқоридаги оят нозил бўлди” (Бухорий ва Муслим ривояти).

10. Мўминлар албатта биродарлар, икки биродарингизнинг ўртасини ислоҳ қилинглар ва Аллоҳга тақво қилинглар, шояд-ки, раҳм қилинсангиз.
Ояти каримадаги “икки биродарингизнинг ўртасини ислоҳ қилинглар” эр-хотиннинг орасини тузатиб, яраштириб қўйишга танланган ҳакамлар ҳақидадир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Бу оят икки ҳакам ҳақида”, деганлар. Яъни, ҳакамлар эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилишни исташса, Аллоҳ таоло уларни мақсадларига етишга муваффақ қилади. Бу оят эр-хотинни ажратишга ҳакамларнинг ҳаққи йўқлигига далилдир, ҳакамларнинг вазифаси айб кимда эканини аниқлаб, уларга насиҳат қилиш, инсофга чақириш, холос. Оятдаги «биродарлар» деб таржима қилинган арабча «ихватун» сўзи «туғишган биродарлар» деган маънони англатади. Қуръони каримда мўминларнинг биродарлиги ҳақида сўз кетганида туғишган биродарлар маъносидаги «ихватун» сўзи ишлатилган ва бу билан мўминлар худди туғишган ака-укалардек эканлиги таъкид-ланган. Агар бу биродарликка халал етса, зудлик билан биродарлар орасини ислоҳ қилиб, яраштириб қўйиш керак бўлади. Бу борада ҳам Аллоҳдан қўрқинглар, шунда шояд сизга Аллоҳ томонидан раҳм ва марҳамат кўрсатилса!
Ухувват - Ислом биродарлиги, дин қардошлиги, қондошлиги дегани. Ухувват - барча мўмин-мусулмонларнинг бир-бирларига хайрихоҳлиги, дўстлиги, севгиси, шафқати, ёрдами демакдир. У бошқа бирон қавм ёки миллатга раво кўрилмаган, муносиб топилмаган улуғ бир илоҳий ҳадядир. Аллоҳнинг амри ўлароқ му-сулмонларга ато этилган неъматдир. Имом Абу Ҳомид Ғаззолий «Иҳёи улумид-дин» асарида ёзишича, Пайғамбаримиз соллал-лоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Баъзи амаллар ибодат шаклида бўлмаса ҳам савоби жуда кўпдир». Масалан, намоз шаклий ибодат саналади: таҳорат олиб қиблага юзланамиз, «Аллоҳу акбар» деб бошлаймиз, рукуъ, сажда қиламиз ва эвазига са-вобга эришамиз. Аммо ухувват, мусулмон биродарлиги каби маънавий ибодат ҳам борки, у зоҳиран қадрсиздай, аҳамиятсиздай туюлса ҳам, аслида у динда муаззам бир савоб, муаззам бир ибодатдир» (Абу Ҳомид Ғаззолий, «Иҳёи улумид-дин», IV жилд). Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом мусулмонларнинг бир-бирларига дўст, биродар, кўмакдош бўлишлари зарурлигини бундан ўн беш аср муқаддам эълон этиб, Ислом умматини ўзаро биродарликка, қардошликка, ҳамкорликка чақирганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманга ҳам топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожати-да бўлса, Аллоҳ ҳам унинг ҳожатида бўлади. Ким мусулмондан ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло уни қиёмат ғам-ташвишларидан халос этади. Ким мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳам (айбини) беркитади» (Бухорий ва Муслим ривояти); Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Унга зулм қилмайди, ҳақир санамайди ва хўрламайди. Тақво бу ерда (деб қалбларига уч марта ишора қилдилар). Яна: «Мусулмон биродарини ҳақир санамоғи унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон қони, моли ва обрўсига тажовуз қилмоғи ҳаромдир», дедилар” (Муслим ривояти). Ислом дини-нинг талаби шундай экан, унда нега бизлар исломий биродарлик ва қардошликдан бунчалик узоқлашиб кетганмиз? Бир-биримиз билан дўстлашиш, ака-ука бўлиш, қон-қардошлик ришталарини боғлаш ўрнига ғаним фитнасига учиб ёки арзимас манфаатлар учун ёвлашамиз, ўқрайишамиз. Энг даҳшатлиси, бир-биримизни жисман ёки руҳан маҳв этишгача борамиз? Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Бир-бирларингизга биродар бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар», деб таълим берганлар-ку! (Муслим ривояти).

11. Эй имон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, балки улар булардан яхшироқдир. Аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилишмасин), балки улар булардан яхшироқдир. Бир-бирингизни мазах қилманглар ва лақаб билан атаманглар. Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмон! Ким қайтмаса, айнан ўшалар ситамкорлардир.
Қуръони каримнинг ушбу ояти одамлар яшайдиган жамиятларда учраб турадиган бир қавмнинг бошқа бир жамоани масхара қилиб, устидан кулиши ва камситиши, бир-бирларини мазах қилиши ва ёмон лақаблар қўйиши каби иллатларни муолажа қилмоқда. Чунки бундай иллатлар туфайли одамлар орасида низо-жанжал ва келишмовчиликлар келиб чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам, одамларнинг ўзаро тинч-тотув ва биродар бўлиши учун қайғуради. Ожиз инсон ҳар нарсани ўз тарозиси билан ўлчашга ҳа-ракат қилади. Шунингдек, масхара қилувчилар ҳам одамларнинг қадрини ўз фаросатлари дарчасидан баҳолаб, мансабдор оддий ки-шининг, бой одам камбағалнинг, кучли кучсизнинг, фарзанди кўп фарзандсизнинг устидан кулиши мумкин. Лекин Аллоҳнинг ўлчов-лари бошқа, одамларнинг қадрини ўлчашда Аллоҳнинг тарозиси ҳақиқий ўлчов ҳисобланади. Эҳтимол, ҳеч ким назарга илмайди-ган оддий, фақир бир инсон Аллоҳ таоло хузурида минглаб бой, зодагон, уддабуролардан бир неча баробарроқ улуғ мартабададир? Одатда Қуръондаги кўпгина ҳукмлар эркакларга қаратилган бўлса-да, ушбу масаланинг ўта муҳимлигидан бу ўриндаги бир-бирини масхара қилишдан қайтарувчи хитобда эркаклардан кейин аёллар ҳам алоҳида зикр қилинган. Чунки бир-бирини масхара қилиб, устидан кулиш, турли ишлар билан фахрланиб, ўзгаларни камси-тиш аёлларда кўпроқ учрайди. Оиша розияллоху анҳодан ривоят қилинади: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтиб қолди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Кейинчалик ўша аёлларнинг баъзилари ана шу мусибатга дучор бўлишди” (Бухорий ривояти). “Бир-бирингизни мазаҳ қилманглар” жумласини Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Мужоҳид, Қатода ва Саид ибн Жубайр “Бирингиз бошқасига тил теккизмасин” деб тафсир қилишган бўлса, Заҳҳок “Бир-бирингизни лаънатламанг” деб тафсир қилган.
Ёмон иллатлардан яна бири одамларга лақаб қўйиб камситишдир. Одатда лақаб қўйиш орқали бир кишинининг иззат-шаънини пастга уриш, масхара қилиш амалга ошади. Уламолар “Ким биродарига ёмон лақаб қўйса ёки уни мазаҳ қилса, у фосиқдир”, дейишган. Замахшарий айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилинган: “Мўминнинг бошқа мўмин зиммасидаги ҳақларидан бири уни ёқтирадиган исми билан чақиришдир”. Умуман, лақаб кишининг ёмон сифатларини зикр қилишдан иборат. Ислом гўзал дин, гўзалликни тарғиб қилувчи дин бўлгани учун ҳам бу номақбул ишдан қайтаради. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам жоҳилият пайтидан қолган хунук исм ва лақабларни чиройлисига алмаштирганлар. У зот шунингдек, одамларнинг айбини юзига солиб, уялти-ришдан ҳам қайтарганлар. Абу Журайж Ҳажмий айтади: “Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, шундай дедим: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга васият қилинг”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Бир киши сенинг айбингни билиб олиб, юзингга солса, сен унинг айбини билсанг ҳам юзига солмагин. Қўявер, балоси ўзига, савоби сенгадир” (Бухорий ривояти). Абу Жубайра ибн Заҳҳок шундай деган: «Бир қавм бошқасини масхара крлмасин...» ояти бизнинг Бани Салама қабиламиз ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ҳар биримизнинг икки ёки уч хил исмларимиз бор эди. Агар у киши бирортамизни ўша исмлардан бирини айтиб чақирсалар, одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у бу исмни эшитса, ғазаби чиқади», дейишарди» (Аҳмад ривояти). Ривоят қилинишича, бу оят Собит ибн Қайс ибн Шаммос ҳақида нозил бўлган. Унинг қулоғи оғирроқ эди. Шунинг учун у Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг олдиларига борганида одамлар унга жой беришарди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида ўтириб, у кишини эшитарди. Бир куни борганида одамлар ўз жойларини эгаллаб ўтиришган эди. У: “Жой беринглар, жой беринглар”, деб одамларнинг елкаларидан ошиб ўта бошлади. Шунда бир киши унга: “Ўтиришга жой топдингку, (ўша ерда) ўтирақол”, деди. Собит ғазабланган ҳолда ўтирди. Шунда бир киши ишора қилиб: “Ким у (гапирган?)”, деди. У киши: “Мен фалончиман”, деди. Шунда Собит: “Фалончининг ўғли”, деб унинг онасини исмини зикр қилди. Жоҳилиятда у ўша аёлнинг исми билан уялтирилар, обрўси тўкилар эди. Шунда у киши уялиб бошини қуйи эгди. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Ояти каримадаги «Аёллар ҳам бошкр аёлларни масхара қилмасин....» жумласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки аёллари ҳақида нозил бўлган. Улар Умму Саламани масхара қилишган эди. У белини оқ кийим билан ўраб-боғлаб олганди. Бир учини орқасига осилтириб олганди. Уни судраб юрарди. Буни кўриб ҳазрати Оиша Ҳафса онамизга: “Орқасига осилтириб судраб юрган нарсасига қара” деб, кулишган эди. Икриманинг Ибн Аббосдан ривоят қилишича: “София бинти Ҳуяй ибн Ахтоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Аёллар мени уялтиришяпти, яҳудийнинг қизи яҳудия бўлади, дейишяпти”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен: “Менинг отам Ҳорун, амаким Мусо, эрим Муҳаммад”, демадингми?” дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”. “Имондан кейин фосиқлик нақадар ёмон” жумласи ҳақида Ибн Зайд айтади: “Киши мусулмон бўлиб, тавба қилганидан кейин унга “кофир” ёки “зинокор” деб ном берилиши нақадар ёмондир”.

12. Эй имон келтирганлар! Кўп гумондан четланинглар, чунки баъзи гумон гуноҳдир. Жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими? Буни ёмон кўрасизларку, ахир! Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ албатта тавбаларни қабул қилгувчидир, раҳмлидир.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг эътиборини ўта муҳим масалага қаратишни ирода қилганида уларга “Эй имон келтирганлар” калимаси билан хитоб қилади. Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳ азза ва жалла мўмин бандаларига ёмон сифатлардан саналган бир неча ахлоқий иллатлардан қайтариб, кўп гумонга боришдан узоқда бўлишни, жосуслик қилмасликни ва ғийбатга яқинлашмасликни буюрмоқда. Гуноҳга ва ҳалокатга элтувчи гуноҳлардан бири кўп шубҳа-гумонга боришдир. Ҳақиқатан бадгумонлик, яъни ёмон гумонларга бориш, одамлар ҳақида турли бўлар-бўлмас шубҳалар қилиш, ҳамиша ҳадикда бўлиш мўмин кишига хос бўлмаган зарарли иллатлардандир. Ўзгалар ҳақида ёмон гумонга бориш шайтон инсоннинг қалбига осонгина кириб оладиган эшиклардан биридир. Ўтган олимлардан Зажжож: “Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо фосиқлардан бўлса, унда фосиқликнинг қайси кўриниши содир бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор”, деган. Мўмин кишига ёмон гумон ва туҳматдан сақланиш вожибдир. Ким одамлар айбини ахтариб,улар ҳақида ёмон гумон қилса, билингки, унинг ботини бузуқдир. Ҳар бир инсон гумондан холи эмас. Ҳозирги кунда ўзимиз билиб-билмай одамлар ҳақида турли ёмон гумонларга бораверамиз, ўзимиз кўрмаган воқеалар хусусида шошилинч ҳукмлар чиқарамиз. Бир биродаримиз кўрмай ўтиб кетиб қолса, “Намунча кеккайиб қопти?!” деган маломатлар қиламиз. Яхшилик маъносида айтилган сўз ёки қилинган ҳаракатдан дарров шубҳага борамиз, “бир балоси бордирки, хушомад қилиб қопти”... Ёмон гумонларга бораверамиз, ноҳақ хулосалар чиқараверамиз, маломатлар қилаверамиз, гуноҳларимизни кўпайтираверамиз. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Мўминлар ҳақида яхши гумонда бўлинглар”, деб таълим берганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар (Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», деганлар. Одамлар тўғрисида ёмон гумон қилишнинг ҳаромлиги уларга шу гумон туфайли сўзда ёки ишда зарар етса, собит бўлади. Аммо яхши гумоннинг таъсири борми-йўқми, барибир мандубдир. Динимиз жамиятни гумонлардан тозалаш учун виждонларни ёмон гумон ифлослигидан поклашга чақиради. Чунки ёмон гумон жамият аъзолари ўртасидаги муносабатларнинг издан чиқишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида жамиятда ахлоқ-сизлик ва ихтилофларни юзага келтиради. Шунингучун ҳам мусулмонлар бадгумонликдан ўзларини асрашлари, бирор ҳолатни кўрганда дарров яхши гумон қилишга ўтишлари зарур.
Маълумки, кимнинг миясига бадгумонлик ўрнашса, у ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат-далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмай, айбини излашга тушади. Натижада ўзи билмаган ҳолда унинг ортидан жосуслик қи-лишга ўтади. Динимиз жосуслик қилишдан ҳам қайтаради. “Жосуслик” деганда ўз диндош халқингнинг, юртингнинг ички сирларини душман томонга етказиб-сотиш ҳам, бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча излаш ҳам тушунилади. Муфассирлар “жосуслик” сўзини ўзга-лардан айб қидириш маъносида ҳам тафсир қилишади. Жосуслик ҳам катта гуноҳлардандир, ҳеч ким бир мусулмоннинг айбини пойлаши, ундан айб қидириши тўғри эмас. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч ишдан пок бўлиши лозим. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, мол-мулклари, уй-жойлари омонлиқда, сир-асрорларию яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Ҳатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ. Ҳукм очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ғийбат ҳам динимизда қаттиқ қораланган иллатлардандир. «Ғийбат” сўзи луғатда «кўздан йўқолиш, яширин қолиш» маъноларини билдиради. Истилоҳда бир кишининг йўқлигида унинг моддий, баданий, маънавий-ахлоқий айблари ҳақида гапириш «ғийбат» дейилади. Ғийбат Қуръони карим ҳукми (ушбу оят), Пайғамбар алай-ҳиссаломнинг суннатлари билан тақиқланган. Ушбу ояти каримада ғийбат қилган одамнинг бу қилмиши ўлган биродарининг гўштини ейишига ўхшатилиб, ғийбатнинг жирканчлиги таъкидланмоқда. Шунга асосан ғийбат қилиш ҳаром, деб ҳукм чиқарилган. Ғийбат нафақат сўз билан, балки ёзув, имо-ишора, тақлид каби ҳаракатлар билан ҳам бўлиши мумкин. Пайғамбар алайҳиссалом бир кишини унда бор айблар билан эслаш ғийбат, унда йўқ айбларни унга боғлаш эса туҳмат (бўҳтон), деганлар. Ғийбат қилиш каби уни тинглаш ҳам ҳаромдир. Ғийбат қилган кишининг тавба қилиши фарз, дейилган. ПайғамбаримизМуҳаммадалайҳиссалом: “Ғийбатчижаннатга кирмайди”, деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). Пайғамбар алай-ҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида: «Эй тили билан имон келтириб, дилида имон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг камчиликларини қидирманглар. Ким уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйидан шарманда қилган ҳолатда чиқаради», деганлар. Ғийбатчилар охиратда ҳам жазосиз қолишмайди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Меърож ҳақидаги ҳадисда шундай деганлар: «Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: “Эй Жаброил, улар ким?” деб сўрадим. У: “Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар”, деб жавоб берди”. Пайғамбар алайҳиссаломнинг яна шундай ҳадислари бор: «Ким бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Ким бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради» (Аҳмад ривояти). Атоқли муҳаддис, фақиҳ, обид ва зоҳид Ибн Ваҳб айтади: «Ғийбат балосидан қутулиш учун агар бирор кишини ғийбат қилсам бир кун рўза тутиб бераман, деб қарор қилдим. Бора-бора бу ҳам осон кўринди, иллатни батамом тарк эта олмадим. Шунда кимни ғийбат қилсам бир динор садақа қилишга киришдим ва шу йўл билан ғийбатдан батамом қутулдим». Алий ибн Ҳусайн (ҳазрат Алининг набиралари) розияллоҳу анҳу айтдилар: «Ғийбат қилишдан эҳтиёт бўл, зеро, у одамлар итининг нонхўришидир». Ҳасан айтади: “Ким сизнинг олдингизда бировни ғийбат қилса, бошқанинг олдида сизни ҳам ғийбат қилади”. Ғийбатчилик ана шундай оғир гуноҳ ишлардан ва катта одобсизлик саналгани учун ундан эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Аммо ҳозирги пайтга келиб бу ярамас иллат орамизда чуқур илдиз отган. Ўтмишдаги аждодларимиз бировнинг кийимини калта ёки узун дейишни ҳам ғийбат санаб, ўзларини бундан тийишган экан. Бугунги кунда бировларнинг кийими у ёқда қолиб, уларнинг ўзидаги мавжуд нуқсонларни, ҳатто уларда бўлмаган айбларни ҳам гапиришга ўрганиб қолдик. Бировни ёмонлаш, айб-камчиликларини ҳаммага достон қилиш суҳбат, мажлис, ўтиришларни «қизитадиган» нарсага айланди.
Оятнинг охирида Аллоҳ таоло мўминларнинг барчасини, хусусан, юқорида зикр қилинган гуноҳларни қилганларни Аллоҳдан қўрқишга даъват қилиб, Ўзига итоат қилишга, Шу билан бирга, аввал билмай, гуноҳ содир этилган бўлса, тавба қилиб, гуноҳини ювиш мумкинлигини эслатиб, тавбаларни ҳар қанча бўлса ҳам қабул қиладиган раҳмли Зотнинг фазлу карамидан ноумид бўлмасликка чақиради.

13. Эй инсонлар! Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда ўзаро танишишингиз учун сизларни халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Аллоҳнинг наздида энг ҳурматлигингиз тақводорингиздир. Аллоҳ билувчидир, хабардордир.
Аллоҳ таоло бутун инсониятга хитоб қилиб, барча инсонларни бир эркак (Одам алайҳиссалом) ва аёлдан (Момо Ҳавводан) яратганини, асли бир бўлган одамларнинг бир-бирлари билан танишиб, муносабатлар ўрнатиш, маърифат ҳосил қилишлари учун турли халқ ва миллатларга бўлиб қўйганининг хабарини бермоқда. Дарҳақиқат, Ислом динида барча инсонлар тенгдирлар, чунки Аллоҳ таоло уларни бир ота ва бир онадан яратган. Улар фақат тақволари билангина бир-бирларидан афзал, устун бўлишлари мумкин. Кишилик жамиятининг ўлчовларида одатда инсонлар насл-насаби, мол-дунёси, жамиятдаги мавқе-обрўси, мансаби ёки ақл-заковатига кўра бир-бирларидан фарқланишади. Ана шундай сифатларга эга бўлганлар ўзларини бошқалардан бир поғона юқори тутиб, ўзларидан пастроқ даражадагиларни менсимайроқ муомала қилишади. Ислом дини наздида одамларнинг бари насл жиҳатидан бир бўлганидан кейин улар фақат тақводорликлари, яъни Аллоҳдан қўрқишлари даражасига қараб фарқланадилар, холос. Банданинг ҳар ишда, ҳар қадамда Аллоҳга юкуниши, ўз ҳожатларини Унинг Ўзига ҳавола қилиши, Аллоҳдангина қўрқиши, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиши унинг тақводорлигига, имон, илм ва салоҳиятда пешқадам эканига далолат қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Аллоҳ суратларингизга ва мол-дунёларингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалингизга қарайди», дейилади (Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисга кўра, Расулуллоҳ алайҳиссалом Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга: «Назар сол, агар сенинг тақвода ортиқлигинг бўлмаса, қизилдан ҳам, қорадан ҳам яхши эмассан», деганлар. Бу маънодаги ҳадислар жуда ҳам кўп.
Найсобурийнинг “Асбабун-нузул” китобида ушбу оятнинг нозил бўлиши ҳақида қуйидаги ривоятлар келтирилган: “Ибн Аббос айтади: “Бу оят Собит ибн Қайс ҳақида нозил бўлган. У ўзига жой бермаган киши ҳақида: “Фалончи аёлнинг ўғли” деган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фалончи аёлни зикр қилган ким?” дедилар. Собит туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен”, деди. У зот: “Одамларнинг юзига қара”, дедилар. У қаради. У зот алайҳиссалом: “Эй Собит, нимани кўряпсан?” дедилар. У: “Оқ, қизил, қораларни”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сен улардан фақатгина дин ва тақво билангина афзал бўлишинг мумкин”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”. Муқотил шундай деган: “Макка фатҳи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга Каъбанинг устига чиқиб азон айтишни буюрдилар. Шунда Итоб ибн Усайд ибн Абу Айс: “Отам бу кунни кўрмасдан унинг жонини олган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деди. Ҳорис ибн Ҳишом эса: “Муҳаммад муаззинликка шу қора қарғадан бошқа кишини тополмадими?” деди. Суҳайл ибн Амр эса: “Агар Аллоҳ бирор нарсани хоҳласа, уни ўзгартиради”, деди. Абу Суён эса: “Мен бирон нарса демайман. Осмоннинг Парвардигори уни (Муҳаммадни) хабардор қилишидан қўрқаман”, деди. Шунда Жаброил алайҳиссалом келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уларнинг гапларини етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни чақириб, айтган гаплари ҳақида сўрадилар. Улар иқрор бўлишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Уларни насаблар билан фахрланишдан, молнинг кўплиги билан ғурурланиб-мақтанишдан ва камбағалларни писанд қилмасликдан қайтарди.

14. Аъробийлар «Имон келтирдик», дейишди. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Сизлар имон келтирганингиз йўқ, лекин «бўйсундик» денглар, ҳали имон қалбларингизга кирганича йўқ. Агар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилсангиз, У сизларга амалларингиздан ҳеч нарсани камайтирмайди. Аллоҳ албатта мағфиратлидир, раҳмлидир».
Саҳройи араблар, яъни аъробийлар бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Бизлар имон кел-тирганмиз” деб миннат қилишди. Шунда Аллоҳ таоло мўминликни даъво қилаётган ўша аъробийларга раддия бериб, “Йўқ, сизларда имон йўқ, балки ўзларингизни мусулмон қилиб кўрсатиш учун амал қилиб турибсизлар, холос” маъносида раддия берди. Ҳақиқатан, улар Исломга янги кирган кишилар бўлиб, ҳали ҳақиқий имон уларнинг қалбига ўрнашиб улгурмаган эди. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали уларга имон ҳақида таълим беришни ирода қилиб, ушбу оятни нозил қилди. Яъни, «Эй Муҳаммад, «имон келтирдик» деб миннат қилаётган ўша аъробийларга: «Сизлар ҳали ҳақиқий имонга эришганингиз йўқ, сизлар «асламна» («бўйсундик»), яъни «Исломга кирдик», денглар», деб айтинг. Ушбу оятнинг маъноси ва бу хилдаги оят ва ҳадисларнинг маъноси ҳақида уламолар кўп тортишиб, турли фикрларни айтишган. Тўғриси шуки, мукаммал Ислом билан мукаммал имоннинг фарқи йўқ, иккиси бир нарса. Аммо имондан фақат қалбга тааллуқли нарса, Исломдан фақат аъзолар амалига тегишли нарса кўзда тутилса, унда бу икки ибора икки хил маънони ифода қилади.
Жаброил алайҳиссалом келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга саволлар берган ҳадисда худди шу ҳолат очиқ-ойдин кўринган. Узун ҳадисда зикр қилинишича, Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломга: “Менга Исломдан хабар бер”, деди. Пайғамбар алай-ҳиссалом: “Ислом - «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтиришинг, намоз ўқишинг, закот беришинг, Рама-зон рўзасини тутишинг ва қодир бўлсанг, ҳаж қилишинг”, дедилар. Жаброил алайҳиссалом: “Менга имондан хабар бер”, деганида Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, яхшию ёмон қадарга ишонишинг”, дедилар. Ояти каримадан маълум бўладики, инсоннинг қалбига имон кириши учун амал қилиши, яъни зикр, Қуръон қироати, намоз, рўза, ҳаж, закот ва бошқа амалларни адо этиши керак экан. Шунда қалбидаги имони мустаҳкамланиб, зиёдалашиб боради. Шунинг учун ҳам оятда уларнинг қалбига имон киргани ҳақидаги хабардан кейин Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишга тарғиб қилинаётир. Шундай қилсаларгина, охиратда бериладиган мукофотда ҳеч нуқсон бўлмаслиги таъкидланаётир.
“Асбабун-нузул” китобида келтирилишича, бу оят Бани Асад ибн Хузайма қабиласининг аъробийлари ҳақида нозил бўлган. Улар қурғоқчилик йили Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишди ва «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир» деб гувоҳлик беришди. Аммо қалбларида имон келтиришмади. Мадина кўчаларида фасод тарқатиб юришди, нарх-навони кўтариб юборишди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ҳузурингизга мол-дунё ва бола-чақаларимиз билан келдик. Фалон қавм сиз билан жанг қилганидек, сизга қарши жанг қилмадик. Демак, бизга садақа беринг” деб, у зотга миннат қила бошлашди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.

15. Ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар содиқдирлар.
Бу ояти каримада асл мўминларнинг сифатлари баён этил-моқда. Улар энг аввало Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирган бўлишади. Сўнгра бу имонларига қўшимча равишда Аллоҳнинг ягоналигига ва барча мавжудотнинг яратувчиси эканига, ибодатга сазовор Ундан ўзга ҳеч бир зот йўқлигига, Муҳаммад алайҳис-саломнинг Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбари ва бандаси эканликларига ҳеч шубҳасиз ишонадилар. Ҳақиқий мўминликнинг яна бир белгиси Аллоҳнинг йўлида моли ва жони билан жиҳод қилишдир. Ана шуларнинг ҳаммасини амалга оширган имонли бандаларгина Аллоҳнинг содиқ-ростгўй бандалари ҳисобланишади. Имонли киши ўз эътиқодида собит бўлган нарсаларга ҳаётида ҳам қатъий амал қилиб умр кечириши лозим. Аммо ушбу эътиқоддаги, тасаввурдаги ҳолатни амалга ошириш осон кечмайди, бу йўлда кўпдан-кўп тўсиқлар учрайди. Ўша тўсиқларни енгиб ўтиш учун эса мол-мулкини, ҳатто жонни фидо қилиб, жидду жаҳд билан кураш олиб бориш талаб этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларидан бири содиқу масдуқ эди. Содиқ - фақат рост сўзловчи, ҳақни айтувчи, барча сўзу амалида садоқатли, дегани бўлса, масдуқ рост сўз тингловчи, сўзи ўз тасдиғини топадиган киши деганидир. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг умматлари ҳам ҳамма ишида содиқ ҳақиқий мўминлардан бўлишлари керак.

16. (Эй Муҳаммад, аъробийларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳга динингизни билдирмоқчимисиз? Ҳолбуки, Аллоҳ осмонлару Ердаги нарсани билади. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир».
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, Аллоҳга динларини ўргатмоқчи бўлган, имонини миннат қилган аъробийларга “Сизлар Аллоҳга қалбингиздаги имонингизни билдиришга беҳуда уринманглар, Аллоҳ осмонлару Ердаги ҳамма нарсани билиб туради” деб айтишни буюрмоқда. Олдинги оятларда зикр қилинганидек, ўша даврларда бир гуруҳ аъробийлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, «Аманна» - «Имон келтирдик» дейишган экан. Бу билан худди Аллоҳ таоло уларнинг қалбларидан бехабардек, улар Пайғамбар алайҳиссалом орқали Аллоҳга ўзларини чин имонли қилиб кўрсатмоқчи бўлишган. Ушбу ояти карима аъробийларнинг ана шу ҳолатларини муолажа қилмоқда.
Ушбу оятларнинг нозил бўлиш сабабларини баён қилувчи риво-ятларда келишича, Бани Асад қабиласининг бир гуруҳ вакиллари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз мусулмон бўлдик, араблар сизлар билан урушса ҳам биз урушмадик”, дейишди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Бу-ларнинг фикрлари (тушунчалари) оз ва буларнинг тилидан шайтон гапиряпти”, дедилар. Шундан сўнг мазкур оят нозил бўлди.

17. Улар сизга Исломга кирганларини миннат қилишади. «Менга Исломингизни миннат қилманглар, балки агар содиқ бўлсангиз, Аллоҳ сизларни имонга ҳидоят қилганини миннат қилур», деб айтинг.
Эй Пайғамбарим, ўзининг Исломга кирганини миннат қилаётган ўша аъробийларга шундай деб айтинг: “Сизлар Исломингизни менга миннат қилманглар! Агар ростгўйлардан, содиқлардан бўлсанглар, шуни билиб олингларки, Аллоҳ сизларни ҳидоятга йўллаб қўйганини миннат қилишга ҳақлироқдир! Ҳақиқатан, уларнинг бундай қилишлари, Исломларини миннат қилишлари, бу билан мақтанишлари тўғри эмас. Ислом ҳар бир банданинг Аллоҳ таоло олдидаги бурчидир, бурч эса адо этилади, у билан мақтанилмай-ди, у миннат қилинмайди. Аллоҳ таоло одамларнинг бирор моддий нарсадан қўрққанларидан эмас, ўқиб-ўрганиб илм ҳосил қилганларидан, маънавий-руҳий озуқа топганларидан юксак маънавий мўъжиза Қуръони каримни ихтиёр қилиб Ислом динига киришларини ирода этди. Аллоҳ таоло Ўзи яратган одамларнинг асл табиатларига Исломни - ягона Аллоҳга имон келтиришни жойлади. Ислом энг тўғри диндир. Ундан бошқа динга эътиқод қилган киши нотўғри йўлдан юрган бўлади. Аслида ҳамма илоҳий динлар ягона Аллоҳ таолога ибодат қилишга, тавҳидга чақирган. Агар Аллоҳ таолонинг Ўзи инсонларни ҳидоятга бошлаб қўймаганида улар ўзларича ҳақ йўлни топмаган бўлишарди. Шунинг учун Аллоҳнинг лутфи-инояти билан Исломга кирганлар эмас, уларни ҳақ динга йўллаган Аллоҳнинг Ўзи миннат қилишга ҳақлидир.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда тўрт нарсага имон келтирмагунича мўмин бўла олмайди: албатта Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта мен Аллоҳнинг Расули эканимга, У мени ҳақ билан юборганига гувоҳлик беради; ўлимга имон келтиради; ўлгандан кейин қайта тирилишга имон келтиради; қадарга имон келтиради», дедилар» (Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти). Демак, имон ва Исломни ҳеч кимга миннат қилиб бўлмайди. Бу Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бандасига берадиган улуғ неъматидир, банда бу неъматга фақат шукр қилиши лозим.

18. Аллоҳ осмонлару Ернинг ғайбини албатта билади ва Аллоҳ қилмишларингизни кўриб турувчидир.
Осмонлар ва Ерни, улар орасидаги жамики мавжудотларни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У ҳамма нарсанинг ягона яратувчи-си бўлганидан кейин уларга дахлдор барча илм ва ҳикматларни ҳам фақат Ўзи билади. Инсонлар қанчалар “ақллимиз” деб чиранишмасин, улар Аллоҳнинг ўзларига билдирганидан бошқа ҳеч қандай билимга эга эмаслар. Улар осмонлар ва Ердаги яширин (ғайбий) нарсалардан мутлақо бехабардирлар. Қачон ёғин ёғиши, чақмоқ чақиши, зилзила, тошқин, довул каби турли офатларнинг қачон рўй беришини ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Инсонлар илм-фанда қанчалар илгарилаб кетишмасин, ҳанузгача бошларига келадиган бало-офатларнинг содир бўлиш муҳлатини аниқлашга қодир бўлишмаяпти. Ҳанузгача оддий зилзиланинг бошланишини аниқлаб олишга иқтидорлари етмаяпти. Шундай бўлганидан кейин инсонлар борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси, уларнинг ғайбини билувчи Зотга имон келтиришлари, амр-фармонида туришлари лозим. Яна Аллоҳ таоло Ўзининг ал-Басир (ҳамма нарсани кўрувчи) сифати билан борлиқдаги катта-кичик ҳамма нарсани, бандаларининг барча қилмишларини миридансиригача кўриб ҳам туради. У кўзга кўринадиган ҳамма нарсаларни, гарчи улар ниҳоятда майда бўлса ҳам кўради, кўзга кўринмайдиган ҳамма нарсаларни ҳам кўради. У қоронғи, зулматли кечада қора ва силлиқ харсангтош устида ҳаракатланаётган қора чумолини ҳам кўради. У етти қават Ернинг остидаги нарсаларни худди етти қават осмоннинг устидаги нарсаларни кўргандек кўради. У қовоқларнинг, яъни киприкларнинг ҳаракатини ҳам, кўзларнинг хиёнатини ҳам кўради.

Орқага Олдинга