Мадинада нозил бўлган, 18 оятдан иборат
“Тағобун” сўзи луғатда «бир-бирини алдаб зиён етказиш, баҳосини пастлатиш» деган маъноларни билдиради, Қуръони каримнинг олтмиш тўртинчи сураси номи, Мадинада нозил қилинган, 18 оятдан иборат. Сурада илгари ўтган динсиз кимсалар топган оқибатлар, улар охиратда гирифтор бўладиган аламли азоб ҳақида хабар берилади. Унда ўлгандан кейин қайта тирилиш куни бор эканини инкор қилган кофирларнинг даъволари кескин рад этилиб, Парвардигор номига қасам билан у куннинг ҳақ экани таъкидланади ва ўша кун «тағобун», яъни бир-бирларини алдаб зиён етказиш куни деб аталади. Чунки бу дунёда мўминларни алдаб, уларга зиён етказиш ҳаракатида юрган кофирлар у кунда дўзахга гирифтор қилинишади. Суранинг охирида Аллоҳ таолонинг йўлида, Унинг дини ривожи йўлида мол-дунёни аямасликка чақирилиб, бахиллик ва қизғанчиқликдан ҳазар қилишга даъват этилади. Чунки мўмин кишининг сифатларидан бири Аллоҳ таолонинг розилиги учун Унинг йўлида нафақа қилиш - мол-дунё сарфлашдир.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Осмонлардаги ва Ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб тасбеҳ айтишади. Ҳукмронлик фақат Уникидир ва мақтов ёлғиз Унга хосдир. У ҳар нарсага қодирдир.
Аллоҳ таоло сиз кўриб турган осмонларнинг ҳам, Ернинг ҳам ягона яратувчисидир. Шундай бўлганидан кейин улар яратган Парвардигорларини ҳамиша барча айбу нуқсонлардан поклаб, тасбеҳ айтишади. “Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиш”нинг маъноси кенг бўлиб, бунда У Зотнинг исм ва сифатларини улуғлаш, кўкларга кўтариш, Аллоҳни поклаб ёдга олиш, Уни айб ва нуқсонлардан холи деб эътиқод қилиш каби амаллар эътиборда тутилади. Шунинг учун мўминлар ҳам ўзларини яратган Аллоҳ таолога тасбеҳ айтишади, Уни улуғлашади. Борлиқдаги барча жонли ва жонсиз нарсаларнинг Аллоҳга тасбеҳ айтишлари Қуръони каримнинг бир неча сураларида зикр қилинган. Масалан, Нур сурасида қушларнинг, Раъд сурасида момақалдироқнинг Аллоҳга тасбеҳ айтиши эслатиб ўтилган. Исро сурасида таъкидланганидек, Аллоҳ таолога тасбеҳ айтмайдиган, Уни улуғламайдиган ҳеч нарса йўқ. Ўз навбатида Аллоҳ таоло яратган мавжудотларнинг олийси, гултожи, мукаррами, Аллоҳ таолонинг Ердаги халифаси бўлмиш инсоннинг Парвардигорини улуғлаб тасбеҳ айтиши айниқса улкан бурч ва ифтихордир. Чунки Аллоҳ инсонни барча махлуқотидан афзал қилиб яратган, унга ақл-онг ато этган, Ердаги жамики нарсаларни ва махлуқотни унга бўйсундириб қўйган. Шундай бўлгач, Аллоҳга тасбеҳ айтиб, Уни улуғлаш бошқа махлуқотларга қараганда инсонга кўпроқ заруриятдир. Оятда яна айтиладики, борлиқдаги барча ҳукмронлик ёлғиз Аллоҳникидир. Яъни, ҳукм қилиш фақат Аллоҳга хосдир, У Ўз ҳукмида бирорта зотни шерик қилмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳукм қилади, Унинг ҳукмини текширувчи йўқ. У жуда тез ҳисоб қилувчи Зотдир. Оятда яна Аллоҳ таолонинг мақтовлар билан мақталган Зот экани айтилмоқда. Ҳамд-мақтовларнинг барчаси Аллоҳ учундир. У сифатлари, феъллари, қадарларининг барчасида мақтовлидир. Имом Ғаззолий шундай деган: «Аллоҳ таоло халойиқни яратишдан олдин азалда ҳамд-мақтовни Ўзига нисбат қилган. Халойиқни яратгач, халқи Унга ҳамд айтди».
2. У сизларни яратган Зотдир. Сизлардан кофир ҳам, мўмин ҳам бор. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб турувчидир.
Аллоҳ бандаларини Ўзига ибодат қилишлари учун азиз ва мукаррам, Ўзининг Ердаги халифаси қилиб яратган. Шу билан бирга уларни имтиҳон ҳам қилмоқчи бўлган ва одамзодга икки йўлни - имон ва ҳидоят йўлини ҳамда куфр ва залолат йўлини рўпара қилиб қўйган. Биринчи йўлни танлаганлар Аллоҳга бўйсунишади, Ундан қўрқишади, Аллоҳ кўрсатганидай фақат солиҳ, эзгу амаллар қилиб ўтишади. Буларнинг эвазига абадий роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннатда яшаш билан мукофотланишади. Иккинчи йўлни танлаганлар эса Аллоҳга ширк келтирган, шайтон васвасасига, нафс найрангига учиб, умрини гуноҳ ва қабиҳ ишлар билан ўтказган, елга совурганлардир. Улар чексиз азоб-уқубат ўчоғи бўлмиш жаҳаннамда абадий азоб чекиш билан жазоланадилар.
Фақат имонгина инсониятни икки дунё саодатига мушарраф қилади. Мўминлик Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, ўлгандан кейин қайта тирилишга, қадарга (барча яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билангина содир бўлишига) қатъий ишонч билан рўёбга чиқади. Кофирлик эса, энг олий ҳақиқатни - Аллоҳнинг борлигини ва амрларини инкор қилишдир, яъни у куфр йўлини тутиб, ҳеч яшириб бўлмайдиган ҳақиқатни кўмадиган, яширадиган кимсадир. Кофирлик - энг қаттиқ ва улкан гуноҳдир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кофирлар қаттиқ қораланган, уларга қиёматда дўзах азоблари, чидаб бўлмас қийноқлар, Аллоҳнинг ғазаб-иқоби бўлиши ҳақида қайта-қайта огоҳлантирилган. Аллоҳ азза ва жалла инсонларнинг имонга келганларини ҳам, куфр йўлини тутганларини ҳам кўриб-билиб туради.
3. У осмонлару Ерни ҳақ билан яратди. Ва сизларга сурат бериб, суратларингизни гўзал қилди. Қайтиш Унинг Ўзигадир.
Ояти каримадаги «У осмонлару Ерни ҳак, билан яратди» жумласини уламолар «ФақатЎзигагина маълум бўлган ҳикмат билан яратди» деб тушунтирадилар. Аллоҳнинг буюк яратувчилик кудратини кўрмоқчи бўлсангиз, атрофингиздаги борлиқнинг беҳисоб мўъжизаларига боқинг: бу етти қават осмонни устунларсиз, тиргакларсиз Аллоҳдан ўзга ким ҳам ярата оларди? Ерни инсонлар ва бошқа махлуқотларига кулай, неъматларга тўла қилиб берган Аллоҳдан ўзга қай бир зот бу ҳолга келтирарди? Осмондаги само жисмларини ўзига белгилаб берилган низомга қатъий риоя қилган ҳолда, бир-бири билан тўқнашиб кетмайдиган ҳолда вужудга келтирган Аллоҳга буларни яратишда ким ҳам шерик бўла оларди? Ёки Аллоҳнинг яратувчилик қудратига шубҳа билан қаровчилар ўзларини қандай кўринишда, қандайин гўзал бир суратда, барча тана аъзоларини мутаносиб ҳолда яратилганларига назар солишмайдими? Дарҳақиқат, ал-Мусоввир сифатли Зот инсонга гўзал сурат, шакл ва қиёфа берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, гўзал юзли киши солиҳ бўлади. Аллоҳ таоло инсон ва бошқа махлуқотларининг суратини яратиб, Ўз ҳикматига биноан зийнатлайди ва ҳар бир махлуқотга ўзига муносиб ва мутаносиб сурат ато қилади.
4. У осмонлару Ердаги нарсаларни билади. Сизлар яшираётганни ҳам, ошкор қилаётганни ҳам билади. Аллоҳ диллардаги сирларни ҳам билувчидир.
Яъни, осмонлару Ерни ва улар орасидаги барча мавжудотни яратган Аллоҳ махлуқотининг сир-асрорларини уларнинг ўзларидан кўра яхшироқ билади. У Зот инсонларнинг яширин тутган нарсаларини ҳам, ошкор қилган нарсаларини ҳам, ҳатто дилларидан ўтган сирларнию мияларидаги хаёлларигача билиб туради. У бандаларининг ҳар бир сўзидан воқифдир, ҳар бир қилмишидан хабардордир. Шуларни кўриб-билиб туриб ҳам ягона Парвардигорга қандайдир шерикларни нисбат бериш ақлсизликнинг, нодонликнинг ўзгинасидир. Бундайлар огоҳ бўлишсинки, Аллоҳдан ўзларининг ҳеч бир қилмишларини, пинҳона ишларини, ҳийла-найрангларини яшира олишмайди. Чунки У Зот Ернинг устидагию остидагини ҳам, коинот ва осмонлардаги нарсаларни ҳам, ҳатто Ўзи яратган махлуқларининг дилларидагию хаёлларидаги нарсаларни ҳам яхши билувчи, хамма нарсадан ўта хабардор Зотдир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманингизни (мушрикларни) дўст тутманг! Сизлар улар билан дўст тутинмокчи бўласиз, ҳолбуки, улар сизларга келган Ҳаҳни инкор этишгандир... Сизлар уларга пинҳона дўстлик ҳилмоҳдасиз, ҳолбуки Мен сизлар яширган ва ошкор ҳилган нарсани яхши билувчидирман. Сизлардан ким шуни ҳилса, аниҳки, у тўғри йўлдан озибди” (Мумтаҳана, 1).
5. Сизларга олдин кофир бўлганларнинг хабари келмадими? Улар ўз қилмишларининг жазосини тортдилар ва яна уларга аламли азоб бордир.
Ушбу оятдаги хитоб Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларидаги Макка кофирларига қаратилган бўлиб, уларга ўзларидан аввал ўтган кофирларнинг қисмати эслатилмоқда. Инсоният тарихи саҳифаларида олдин ўтган қавмларнинг Аллоҳга итоатсизликлари, Унинг пайғамбарларига бўйсунмаганлари оқибатида улар бошига келган бало-мусибатлар зикр қилинган. Масалан, Од қабиласига юборилган Ҳуд алайҳиссалом қабиладошларини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирди, турли бутларга сиғинишдан қайтарди. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини қайта-қайта уқтирди. Лекин жисмонан бақувват, баланд бўйли, қоматдор Од қавми ўз куч-қудратига мағрурланиб, Ҳуд алай-ҳиссаломни калака қилди. Оқибат Аллоҳ уларга қаттиқ қурғоқчилик азобини юборди. Бунинг устига бепуштлик дардига дучор қилди. Од қавми шу тариқа ҳалокатга учраб, йўқ бўлиб кетди. Бунинг устига кофир ва қайсар қавм қиёматгача лаънатга дучор бўлди. Самуд қабиласи ҳам пайғамбари Солиҳ алайҳиссалом даъватларига қулоқ солмади, Аллоҳ тақиқлаган ишга қўл урди. Бунга Аллоҳнинг қаҳри келиб, адашган ва имонсиз қавм устига қаттиқ азоб юборди. Қавм умрида эшитмаган даҳшатли ва кучли қичқириқдан турган жойида тутдек тўкилиб, ҳалокат топди. Аллоҳнинг пайғамбарларига бўйсунмай, осийлик қилган барча қавмларни илоҳий жазо узоқ куттирмади: тезда улар бошига Аллоҳнинг азоби келди, барчалари Ер юзидан ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетишди. Макка мушриклари ҳам олдин ўтган ана шундай итоатсиз қавмларнинг қисматидан ибрат олиб, Аллоҳга имон келтиришсин, У Зотнинг рисолатини келтирган охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга эргашишсин. Акс ҳолда олдинги қавмларнинг бошига келган бало-мусибатлар уларни ҳам ҳалок қилиши мумкин. Қиёмат куни эса ана шундай кофир ва осий қавмларга Аллоҳ таолонинг аламли ва қаттиқ азоби бордир.
6. Бу шунинг учунки, уларга пайгамбарлари ҳужжат-далиллар билан келганларида улар: «Бизни башар ҳидоятга бошлайдими?» деб куфр келтиришарди ва юз ўгиришарди. Аллоҳ беҳо-жатлигини кўрсатди. Аллоҳ бойдир, мақталгандир.
Кофирларнинг табиати қизиқ: уларга ҳар гал пайғамбарлари аниқ далил ва ҳужжатлар билан келганида ҳам, уларга атрофларидаги мўъжизаларни, аломатларни кўрсатиб қўйишганида ҳам, уларга илоҳий ваҳийлар эшиттирилганида ҳам албатта буларни инкор қилишга, имонга келмасликка сабаб-баҳона ахтаришади. Улар Аллоҳ таоло томонидан ўзларига ўхшаш инсон ҳужжат-далиллар билан пайғамбар қилиб юборилса, бунга ҳам эътироз билдиришади: “Ахир, ўзимизга ўхшаган башар насли қанақасига бизни ҳидоятга бошлаши мумкин, ахир у фаришталардан бўлганида бошқа гап эди”. Агар шундай қилинса, ана шу кофирларнинг ўзлари «Бу фаришта бўлгани учун диний кўрсатмаларга амал қила олади, биз ожиз инсонмиз, бу ишларга эргаша олмаймиз, қўлимиздан келмайди», деган бўлишарди. Шундай баҳоналар билан улар Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига куфр келтиришади, ҳидоятдан юз ўгиришади. Бу каби эътирозлар Ислом динининг хусусиятини билмасликдан келиб чиқади. Аллоҳ таоло Ислом аҳкомларини инсон учун саодат йўли қилиб нозил қилган. Демак, инсонлар орасидан бир киши диний кўрсатмаларга ўз шахсида амал қилиб кўрсатиб, илоҳий таълимотни одамларга тушунтириши керак. Агар пайғамбар фаришталардан бўлганида, бу мақсад амалга ошмай қолган бўларди.
Аслида Аллоҳ азза ва жалла куфр аҳлининг имонига ҳам, итоатига ҳам муҳтож эмас. У мутлақ беҳожатдир, Унинг ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ҳожати тушмайди. Холиқнинг шаъни Унинг ҳамма нарсада беҳожатлигидадир. Махлуқнинг шаъни унинг барча нарсада Холиқига муҳтожлигидадир. Аллоҳ таоло: «Ҳолбуки, Аллоҳ бой, сизлар эса камбағалсизлар», деган (Муҳаммад, 38). Кўпинча Қуръонда Аллоҳнинг ал-Ғаний (беҳожат) сифати билан ал-Ҳамид (мақталган) сифати ёнма-ён келади. Чунки Аллоҳ бандаларидан беҳожат, шу билан бирга махлуқлар Уни мақташади. Инсон бадавлат ва бирор кишига эҳтиёжи тушмайдиган беҳожат бўлиши мумкин, аммо ўзи қўпол, такаббур, кеккайган ва ёқтирилмайдиган, шунинг учун ҳеч ким мақтамайдиган киши бўлади. Лекин Еру осмонларнинг Холиқи комил ва беҳожатдир. У халқидан Зоти, сифати ва султонлиги билан беҳожатдир. Халойиқнинг барчаси У Зотнинг инъом ва эҳсонига муҳтождир. Инсоннинг беҳожатлиги мажозийдир, яъни моли билан беҳожат, аммо соғлик, ақл, муваффақият ва нусратга эҳтиёжи бор. Аллоҳнинг ушбу сифати билан хулқланиш эса, У Зотга ҳар доим қашшоқлик ва камбағалликни изҳор қилиш ҳамда бирор ишни амалга оширганда буни “ақлим ёки билимдонлигим билан амалга оширдим” деб эмас, балки “бу нарсага Аллоҳнинг фазли, ёрдами ва тавфиқи сабабли эришдим” деб айтиш билан бўлади.
7. Кофирлар ўзларини ҳеч қачон қайта тирилмасликларини даъво қилишади. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Йўқ, Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилтириласизлар, сўнгра қилган ишларингизнинг хабари берилади. Бу Аллоҳга осондир».
Қуръони каримнинг кўпгина оятларида қиёмат кунининг шак-шубҳасиз келиши баён қилинган. Лекин у куннинг қачон келишини Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот билмайди. Бу ҳақдаги ояти карималарни ўрганиб чиққан киши инсонларнинг албатта қайта тирилишларига доир иккита аниқ далилни кўради: биринчиси - инсон яралишидан то умрининг охиригача бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиб, ривожланиш йўлини ўтайди. Янги туғилган чақалоқ маълум вақт ўтганидан кейин юра оладиган, сўзлайдиган, ақлини ишлатадиган болакайга айланади. Яна вақт ўтиб, у камолга етади, ақли, фикри ўсади, куч-қувватга тўлади. Бир куни тўлақонли одамга айланиб, энди жуда катта ишларга ярайдиган бўлади. Йиллар ўтиб, у қарийди, куч-қуввати кетади, олдинги соғлиғи йўқолади, кўзлаган ишларини қилишга қодир бўла олмай қолади. Бора-бора ҳаётдан зерикади, ҳатто ўлимининг тезроқ келишини кутадиган бўлади. Иккинчи далил шуки, Ер Аллоҳнинг раҳмати туфайли бир шаклдан бошқасига ўтади. Масалан, бир вақтлар сувсизликдан қақраб, ўлиб ётган ерлар бир куни Аллоҳнинг лутфу марҳамати билан сувга сероб бўлиб, гуллаб-яшнаб кетади. Инсонни турли шаклларда яратган Аллоҳ Ерни ҳам бир ҳолатдан бошқасига ўзгартиришга қодирдир. Мана шуларнинг ҳаммасига қодир Зот одамларни ҳам ўлганларидан кейин ҳаётга қайтара олишга қодирдир, уларни қайта тирилтириб, дунё ҳаётида қилган амалларининг хабарини уларга етказиш Аллоҳга жуда осондир. Бандаларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатларини энг майда тафсилотларигача қолдирмай ёзиб борувчи карамли котиблар, яъни фаришталар эътиборидан инсонларнинг заррача амали ҳам четда қолмайди. Бунга фақат Аллоҳ таолонинг ваҳийларини инкор қилиб, охират кунининг келишини тан олмайдиган осий кимсаларгина ишонишмайди. Ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмаслик кофирликнинг асосий аломатларидандир. Агар инсоннинг қиёматда қайта тирилишига ва бу дунёдаги ҳар бир иши учун жавоб бериши муқаррарлигига имони бўлганида, Аллоҳга осийлик қилмаган, Унга имон келтириб, амру фармонида турган бўлар эди. Аммо кофирлар бу ҳақиқатга ишонмай, «Ўлгандан кейин асло тирилмаймиз», деб ўйлайдилар. Шунингучун улар қиёмат куни қайта тирилиб, ҳисоб-китоб учун Парвардигорлари ҳузурида тўпланишларини инкор этиб, қайта тирилмасликларини даъво қилишади. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, кофирлар ўлгандан сўнг қайта тирилиш ҳақида нима дейишларини хабар бериш билан бирга, уларнинг бу даъволарига қандай жавоб беришни ҳам ўргатмоқда: “Кофирлар ўзларининг қайта тирилмасликларини қанчалик даъво қилишмасин, уларнинг бу даъволари асоссиздир. Уларга шундай деб айтинг: «Йўқ, Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирил-тириласизлар, сўнгра қилган ишларингизнинг хабари берилади. Бу Аллоҳга осондир».
8. Сизлар Аллоҳга, Унинг Расулига ва Биз нозил қилган Нурга имон келтиринглар. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
Аллоҳ таоло ушбу ояти орқали бандаларини Ислом ақидасининг асосларидан бўлмиш уч арконга: Аллоҳга, Унинг Расулига ва Ўзи нозил қилган Нурга, яъни инсониятни жаҳолат зулматидан имон порлоқлигига олиб чиққан Қуръони каримга имон келтиришни буюрмоқда. Киши ҳамма нарсани ёлғиз Аллоҳ таоло яратганини, Ундан ўзгага сиғиниб бўлмаслигини, У комил сифатлар билан сифатланганини, айб-нуқсондан поклигини қалби билан тасдиқлаб, тили билан иқрор бўлса Аллоҳ таолога имон келтирган бўлади. Имон шартларидан яна бири Аллоҳ таолонинг ҳамма пайғамбарларига, хоссатан, охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг рисолатларига истисносиз ишонишдир. Пайғамбарларнинг вазифаси имон келтириб, тоат-ибодат қилган инсонларга жаннат башо-ратини бериш, куфр ва исёнда бўлган инсонларни дўзах азобидан огоҳ этиш, инсонларга дунё ва дин ишларида улар муҳтож бўлган нарсаларни баён этишдир. Пайғамбарларнинг аввали Одам алай-ҳиссалом, охирлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари боқийдир. У зотдан сўнг ҳеч бир пайғамбар бўлмайди. Бу зот бутун инсониятга ва жинларга расул этиб юборилганлар. Имоннинг яна бир шарти Аллоҳ таолонинг расуллари ва набийларига нозил қилган китобларига ишонишдир. Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлган самовий китоблар Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Таврот, Довуд алайҳиссаломга юборилган Забур, Исо алай-ҳиссаломга нозил қилинган Инжил ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони каримдир. Қуръони каримнинг ҳукмлари эса қиёмат кунига қадар боқий бўлиб, улар бутун инсониятга қаратилган.
9. У сизларни «жамлаш куни»га тўплайдиган кун Тағобун кунидир. Ким Аллоҳга имон келтирса ва солиҳ амал қилса, унинг ёмонликларини ўчиради ва уни остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритади. Унда абадий қолинади. Мана шу улкан мукофотдир.
Арабча “явма” сўзи одатда “кун” маъносини билдирса-да, айрим ҳолларда “давр, замон, вақтнинг лаҳзаси” деб ҳам таржима қилинади. Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бўлганидан кейин махлуқотларини қайта тирилтириб, қиёмат куни ҳаммани жамлаш жойи бўлган Маҳшаргоҳда тўплаш Унга асло қийин эмас. Аллоҳ таоло бежизга ўша кунни Тағобун куни деб атамаяпти. Чунки Тағобун куни биров-бировни ҳийла билан алдай олмайди, ўша куни гуноҳкорларнинг амали, мартаба-мақоми пастлатилган бўлади. Ўша кунда кофирлар бу дунёда имонга келмаганлари учун баҳолари-шаънлари паслатилиб, дўзахга равона бўлади. Яхши ишларни, солиҳ амалларни кўпроқ қила олмай қолган мўминлар ҳам баҳолари пасайиб, жаннатнинг олий мартабаларига ета олмай қолишади. Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб, кимдан ёрдам ёки нажот излашни билмай, ҳайронликда турганида Аллоҳга имон келтирган, солиҳ амалларни қилган саодатманд кишилар хотиржам бўлишади, ғамда ҳам қолишмайди, хафа ҳам бўлишмайди. Чунки меҳрибон ва раҳмли Парвардигор уларнинг ёмонликларини ўчириб, ўзларини остларидан анҳорлар оқиб турувчи, абадий яшаладиган жаннатларга киритади. Бу уларнинг дунё ҳаётида қилган яхшиликлари, имонларининг улкан мукофотидир.
10. Куфр келтириб, Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганлар - ана ўшалар дўзах эгаларидир, улар у ерда абадий қолишади. Бу қандайин ёмон оқибатдир!
Гуноҳларнинг энг каттаси Аллоҳга куфр келтириш, У Зотнинг ваҳийларини ёлғонга чиқариб инкор қилишдир. Бундай жоҳил кимсаларнинг жойи албатта дўзах бўлади, улар ўша ерда мангу жазо ва қийноқлар ичра қолишади. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим, икки киши келиб, бири қашшоқлиқцан, бошқаси эса йўлтўсарликлардан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Йўлтўсарликларга келсак, яқинда карвон Маккагача ҳеч бир соқчисиз чиқадиган бўлади. Қашшоқликка келсак, бирингиз садақасини олиб, айланиб юриб, уни қабул қиладиган одам топа олмай қолмагунча қиёмат қойим бўлмайди. Сўнгра бирингиз Аллоҳнинг қаршисида туради. У Зот билан унинг ўртасида тўсиқ ҳам, таржима қилиб турадиган таржимон ҳам бўлмайди. Кейин У Зот унга: «Сенга мол-дунё бермаганмидим?» дейди. У: «Ҳа (бергансан)», дейди. Сўнгра: «Сенга расул юбормаганмидим?» дейди. У: «Ҳа (юборгансан)», дейди. Шунда у ўнг тарафига қарайди ва фақат дўзахни кўради, кейин чап тарафига қарайди ва фақат дўзахни кўради. Бирингиз яримта хурмо билан бўлса ҳам дўзахдан сақлансин! Агар топа олмаса, яхши сўз билан (сақлансин!)» (Бухорий ривояти).
11.Аллоҳнинг изнисиз ҳеч қандай мусибат етмайди. Ким Аллоҳга имон келтирса, У Зот унинг қалбига ҳидоят солади. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.
Аллоҳтаоло мўмин бандаларига хитоб қиляптики, сизларга дунё ҳаётида осон бўлмайди, ҳар қадамда қийинчилик, озор ва мусибатларга дуч келасиз. Аммо шуни яхши англаб олингларки, Аллоҳнинг изнисиз сизларга ҳеч қандай мусибат етмайди, мусибат-балолар мўмин кишининг имонини синайдиган омиллардир. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан бирида «...Ва билгинки, сенга етган мусибат адашиб, бошқага ўтиши мумкин эмас, агар бошқага бўлса, сенга етмасди...» деганлар (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Мўминликнинг йўли машаққатли, юки оғир. Аллоҳ таоло мўмин кишини ҳар қадамда, ҳар ишда, ҳар сонияда имтиҳон қилади. Мушкулотларга солади, қийноқ-азобларга рўпара қилади. Минглаб тўсиқ-қийинчиликлар билан ўраб-чирмаб ташлайди. Бир лаҳзада яқинларидан айириб қўяди. Баъзан бирор хасталик билан синайди ёки аранг қўлга киритган мол-дунёсидан маҳрум қилади. Ёхуд кўзлаган ишларига, орзуларига етказмайди. Аммо ҳақиқий мўмин бу имтиҳонларга сабр билан жавоб қайтаради. Изтироб чекмайди, хафаликдан кўкрагини захга бериб ётмайди. Аллоҳнинг имтиҳони-дан бардош ва шукр билан ўтади. Аллоҳ мўминни фақат булар билангина синовга солмайди.
Мўминлар дунё ҳаётида ҳамиша азоб-мушкулотлар тўлқинида сузишга мажбурдирлар. Маккада қанча қийноқ, камситиш, тазйиқларни бошдан кечирган илк мусулмонларга осон бўлган дейсизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинага ҳижрат қилган, уй-жой, мол-мулки, қариндош ва яқинларини ташлаб бегона шаҳарга кўчган муҳожирларга осон бўлган дейсизми? Кейинги асрларда золим ва мустабид босқинчилар қўл остида ҳам дину диёнатларини асраб қола олган мўминларга енгил кечган дейсизми? Аллоҳ таолонинг мўминларни синовдан ўтказиши булар билангина чекланмайди. Аллоҳ уларга бир неча хил ибодатни, Ўзига итоатни буюриб кўйган. Бунинг ҳам турган-битгани қийинчилик, машаққат! Роҳат-фароғатдан воз кечибгина ана шу ибодатларни кўнгилдагидай адо этасиз, Парвардигорингизнинг розилигига эришасиз. Мўмин киши ўзига етган мусибатнинг Аллоҳнинг тақдири -синови бўлганини тушуниб етсагина, бу қийинчилик ва мусибатлардан осон ўтади. Шунда унинг хотири жам, кўнгли тўқ бўлади. Мусибатга сабр қилади. Аллоҳдан ёрдам сўрайди. имонсиз киши бўлса, мусибат етганида сабрсизлик қилади, турли сабаблар ахтаради, ғам-ғуссага ботади ва ўзича қутулмоқчи бўлиб, турли зарарли усулларни қўллайди. Имонли киши ҳар қандай кўнгилсиз воқеа юз берганда истиржоъ айтиб, сабр қилишга интилади. Истиржоъ «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун» («Биз Аллоҳникимиз ва биз Унга қайтиб борувчилармиз») дейишдир.
Ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани тақдир қилса, фақат яхшиликка бўлади. Агар унга мусибат етса, сабр қилади. Бу ўзича яхши. Агар яхшилик етса, шукр қилади. Бу ҳам ўзича яхши. Бундай неъмат мўминдан ўзга ҳеч кимга насиб этмайди» (Бухорий ривояти). Шунинг учун ҳам Аллоҳтаоло қуйидаги оятда мўмин бандаларини Ўзига ва Пайғамбари Муҳаммад алай-ҳиссаломга итоат қилишга даъват этяпти.
12. Аллоҳга итоат қилинглар ва Пайғамбарга бўйсунинглар. Агар юз ўгирсангиз, у ҳолда Пайғамбаримизнинг зиммасида аниқ етказиш бор, холос.
Имонли кишининг энг биринчи иши Аллоҳга итоат қилиш, У юборган Расулга, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашишдир. Бу йўлда иккиланиш, саркашлик қилиш, фожирликка йўл қўйиш мўмин кишининг имонига путур етказади. Аллоҳ таоло огоҳлантиряптики, эй инсонлар, Пайғамбар олиб келган нарсага (яъни ваҳийларимизга) имон келтирасизларми ёки ундан юз ўгирасизларми, бу ўзларингизга ҳавола, Пайғамбарнинг зиммасида буларни етказиш вазифаси бор, холос. Ҳар ким қиёмат кунидаги ҳузуримизда бўладиган ҳисоб-китобда қилмишларининг бари учун жавоб беришга маҳкум: солиҳ амаллар ва яхши ишларнинг мукофоти - жаннат, ширк ва куфр эгаларининг жазоси эса - жаҳаннамдир! Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга амал қилиш билан бўлади. Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилиш эса у зотнинг суннатларига эргашиш билан бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳга итоат ҳилинглар, Пайғамбарга бўйсунинглар, эҳтиёт бўлинглар. Агар юз ўгирсангизлар, билингларки, Пайғамбаримиз зиммасида аниҳ етказиш бор, холос” (Моида, 92).
13. Аллоҳ - Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар.
Аллоҳ таоло бандаларига “Аллоҳдан ўзга итоат ва ибодатга муносиб ҳеч бир илоҳ йўқдир” деб имон келтириш ва Ўзигагина таваккул қилишни буюрмоқда. «Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир” деб имон келтириш тавҳиднинг асосидир. Абулҳасан Ужвирий фикрига кўра тавҳид ҳақиқати Аллоҳнинг бирлигига имон келтириш, иқрор бўлиш ва шунга ҳукм этишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илмларнинг аввали - Аллоҳни таниш», деганлар (Робеъ ибн Ҳабиб ривояти). Ислом тавҳид, яъни Аллоҳ таолонинг биру борлигига имон келтириш асосига қурилган. Тавҳиднинг бош шиори - «Лаа илааҳа иллаллоҳ»дир (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир). Аллоҳнинг тавҳидига ақлий ва нақлий далиллар тўлиб-тошиб ётибди. Буни ўрганувчи илм «тавҳид илми» дейилади. Тавҳидни шиор қилиб олганларнинг жаннатий бўлишлари ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кўплаб ҳадислар келган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир аъробий келиб: «Менга бир амални кўрсатингки, унга амал қилиш билан жаннатга кирайин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга бирон нарсани шерик этмайсан, фарз намозларни адо қиласан, фарз закотларни ато этасан ва Рамазон рўзасини тутасан», дедилар. Шунда у: «Жоним измида бўлган Зотга қасамки, бунга бирор нарса қўшмайман ҳам, камайтирмайман ҳам», деди. Аъробий бурилиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жаннат аҳлидан бўлган кишини кўрмоқчи бўлса, мана бу кишига қарасин», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини билган ҳолида вафот этса, жаннатга киради», дедилар» (Муслим ривояти).
14. Эй имон келтирганлар! Албатта, жуфтларингиздан ва фарзандларингиздан сизларга душманлик бор, улардан эҳтиёт бўлинглар. Агар афв этсангиз, кечсангиз ва кечирсангиз, у ҳолда Аллоҳ албатта мағфиратлидир, раҳмлидир.
Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтяптики, баъзи вақтларда хотинларингиз ва фарзандларингиздан сизларга албатта душманлик келади, шунинг учун уларнинг талаб-эҳтиёжларини адо этишда эҳтиёт бўлинглар. Агар уларнинг айбларини афв қилсанглар, хатоларидан кечсанглар, гуноҳларини кечирсанглар, ўзларингизга яхши бўлади, чуни Парвардигорингиз кечирувчи, раҳмли Зотдир. Аслида, хотин, бола-чақа Аллоҳ таоло берган улуғ неъматлардир. Унда нега оятда улардан душманлик бўлиши ҳақида сўз юритиляпти? Чунки улар гоҳида одамни ўзларига банд қилиб, имон тақозо этган муҳим ишлардан қайтаришади, оёқларига тушов бўлишади, катта мақсадлар қаршисида уларнинг риоясини қилиб, ортга чекинилади. Айрим уламолар: “Оятдаги «жуфтларингиздан» сўзини эркакка ҳам, аёлга нисбатан ҳам ишлатса бўлади», дейишган. Чунки тақводор эрга хотини ва бола-чақаси дин йўлида баъзан душман бўлганидек, тақводор хотинга ҳам эри ва бола-чақаси баъзан душман бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, аксар инсонлар хотини ва фарзандларининг фикри ва муҳаббати риоясини қилиб, Аллоҳ ва Унинг ҳукмларини унутиб қўйишади, турли гуноҳ ишларга қўл уришади, охиратга тайёргарлик кўриш йўлидаги солиҳ амаллардан узилиб қолишади. Хотини ва фарзандларининг эҳтиёж ва талаблари эркак бечорани нафас ростлашга қўймайди. Уларнинг юмушларини бекаму кўст қиламан деб эрлар (хотинлар ҳам) овораликда охират ишларидан тамоман ғофилликда қолишади. Мана шу ишлар хотин ва бола-чақадан келадиган душманлиқцир.
Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида шундай ривоят бор: “Бир гуруҳ одамлар Маккада имонга келиб, Мадинага ҳижрат қилмоқчи бўлганларида хотинлари ва бола-чақалари «Бизни ташлаб, қаёққа борасиз» деб тўсқинлик қилишган экан. Вақти келиб Мадинага боришса, улардан аввал ҳижрат қилганлар динда илғор бўлиб кетишибди. Шунда уларни ҳижратдан тўсган оила аъзоларига зуғум қилмоқчи бўлишганида Аллоҳ таоло ушбу оятини нозил қилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилинади: “Одамлар Исломга киришарди. Ҳижрат қилмоқчи бўлишса, аҳли аёллари, бола-чақалари қўйишмасди ва: “Аллоҳ номи билан сўраймиз, қариндош-уруғингни, бола-чақангни ташлаб кетиб қолма”, дейишарди. Лекин барибир айримлар аҳли аёллари ва молк-мулкларини ташлаб, Мадинага кўчиб боришарди. Айримлар эса бола-чақаларининг гапларига кўнгли юмшаб, уларни кўзлари қиймай, ҳижратдан қолиб кетишарди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”. Исмоил ибн Абу Холид айтади: “Бир киши Исломга кирса, аҳллари, қариндош-уруғлари, бола-чақалари уни шу сабабли маломат қиларди. Шунда ушбу оят нозил бўлди”. Икрима ибн Аббосдан шундай ривоят қилади: “Аҳллари ҳижрат қилишдан тўсган кимсалар кейинчалик ҳижрат қилганларида одамлар Мадинада кўп нарса ўрганиб, динда фақиҳ бўлиб кетишганини кўришди. Шунда ўзларини ҳижратдан тўсган кишиларни жазолашга ҳаракат қилишди. Шунда Аллоҳ таоло: “Агар афв этсангиз, кечсангиз ва кечирсангиз, у ҳолда Аллоҳ албатта мағфиратлидир, раҳмлидир”, оятини нозил қилди.
15. Дарҳақиқат, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фақат бир синовдир. Улуғ мукофот эса Аллоҳнинг ҳузуридадир.
Ҳақиқатан, мол-дунё ҳам, фарзандлар ҳам банда учун улкан синовлардир. Кўпинча инсон ана шу икки неъматга берилиб, маҳлиё бўлиб, Аллоҳнинг тоатидан узилиб қолади. Мол-дунё ва фарзанд муҳаббатини Аллоҳга бўлган муҳаббатдан устун қўядиганлар ҳам бор. Инсон дунёга бўлган ҳирси, муҳаббати туфайли кўп зарар кўради, ҳаловати кетади, боқий дунёга тайёргарлик ишларидан чекина-ди. Дунёга муҳаббатли, молпараст кимсалар инсонлар билан муно-сабатларини манфаатлар устига қуришади. Яъни бировдан фойда кўриш, иш битириш имкони бўлса, у билан яхши муомала қилишади, айланиб-ўргилишади, эҳтиром кўрсатишади. Унинг ёрдам бермаслиги, бойлигидан «томизмаслиги» аён бўлган заҳотиёқ уни тарк этишади. Бордию тўқнаш келиб қолишса, йўлни чапга солишади ёки кўрмасликка олишади. Худо кўрсатмасин, агар бир вақтлар роса ёрдами тегиб турган одам қийинчиликка тушиб қолса, «Баттар бўлсин» дея устидан кулиб ўтишади. Мол-дунёга асосланган муносабатларнинг ҳақиқий «башараси» ана шундай! Хабарларда айтилишича, «Дунёни тарк этиш қалбни ва баданни тинчлантиради. Унга рағбат ва муҳаббат қўйиш эса ғам-ташвишни кўпайтиради». Дунёга ҳарислик билан чанг солишимиз учун ҳеч қандай сабаб-баҳона йўқ. Агар бундай йўл тутсак, зарарга кирамиз, дунё бизни фойдали амаллардан, катта ишлардан чалғитади, йўлдан оздиради, ўзига мубтало-машғул қилиб қўяди. Унга берилиб кетиб, бора-бора дунёга не мақсадда келганимизни ҳам унутамиз, ҳақ йўлдан адашамиз, гумроҳлик кўчаларида адашиб-тентираймиз.
Шунингдек, фарзандлар ҳам Аллоҳ таолонинг улкан неъмати бўлиб, уларни солиҳ ва мўмин ҳолда тарбиялаш, Аллоҳ таолонинг амрларига бўйсунадиган қилиб ўстириш ота-онани икки дунё саодатига мушарраф қилади. Агар аксинча бўлса, бундай фосиқ ва фожир фарзанд уларни дунё ва охиратда шарманда қилади. Демак, Аллоҳ таолонинг муҳаббатини мол-мулк ва фарзандлар муҳаббатидан устун қўйиш зарур экан. Чунки Унинг ҳузурида бунинг учун улуғ мукофотлар, энг асосийси, Парвардигорнинг розилиги бор. Ҳадислардан бирида шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алай-ҳиссалом хутба айтиб турган эдилар. Бирдан Ҳасан билан Ҳусайн қизил кўйлак кийиб, қоқилиб-йиқилиб кела бошлашди. Расулуллоҳ алайҳиссалом минбардан тушиб, икковларини кўтариб олдиларига қўйдилар ва: «Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас» деб Аллоҳ билан Унинг Расули тўғри айтган. Бу икки гўдакнинг қоқилиб-йиқилиб келаётганини кўриб, чидаб тура олмадим ва гапимни бўлиб, уларни кўтариб олдим», дедилар» (Аҳмад ривояти).
16. Кулингиздан келганича Аллоҳга тақво қилинглар, қулоқ тутинглар, итоат этинглар ва эҳсон қилинглар, ўзларингизга яхши бўлади. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, айнан ўшалар нажот топувчилардир.
Аллоҳ таоло мўминларга яна хитоб қилиб айтяптики, қўлларингиздан келганича Менга тақво қилинглар, яъни Мендан қўрқинглар. Чунки ҳикматнинг боши Парвардигордан қўрқишдадир. Сўнг сизларга қилинаётган панду насиҳатларга, ваъз-иршодларга қулоқ тутинглар. Чунки илоҳий амрларни тинглаб, уларни бажаришга киришиш ҳар бир мўмин банданинг энг шарафли бурчидир. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатда бўлинглар, шунда адашмайсизлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Сизларни бир ишдан қайтарсам, ундан қайтинглар, сизларни бир ишга буюрсам, қўлингиздан келганича қилинглар», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). Оят охирида эса ўзларингизга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган ризқдан қўл остингиздагиларга ва муҳтож кишиларга инфоқ-эҳсон қилиш, бу ишда бахиллик ва зиқналикка йўл қўймаслик буюрилмоқда. Ҳақли жойларга ва кишиларга бирон эваз талаб қилмаган ҳолда молини сарфлаш, инъом этиш эҳсон саналади. Бу ишга инсонни нафс олий-жаноблиги ва хайр-саховати ундаган бўлади. Аммо нафснинг бахиллиги ва итоатсизлиги бу амалдан қайтаради. Урва ибн Зубайрдан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сахий киши Аллоҳ азза ва жаллага яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга ҳам яқиндир, бироқ дўзахдан узоқдир. Бахил киши Аллоҳ азза ва жалладан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан ҳам узоқдир, аммо дўзахга яқиндир”, деганлар (Термизий ва Муҳаммад ибн Иброҳим Таймий ривояти). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайрнинг қизғанчилиги ҳақида эшитганларида унинг салласидан тортиб шундай дедилар: “Эй Зубайр, мен Аллоҳнинг сенга ва сендан бошқаларга юборган элчисиман. Аллоҳ азза ва жалла: “Агар инфоқ қилсанг, инфоқ қиламан, агар бахиллик қилсанг, Мен ҳам бахиллик қиламан”, дейди”. Молидан эҳсон қилувчи банда, бахиллик қилмайдиган кишилар охиратда нажот топишади.
17. Агар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз, У сизларга кўпайтириб қайтаради ва мағфират қилади. Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ҳалимдир.
«Аллоҳга қарзи ҳасана бериш» деганда инсоннинг ўзига ризқ қилиб берилган ато ва неъматлардан Аллоҳ йўлида, У буюрган жойларга сарфлаши, фақир ва муҳтожларга эҳсон қилиши тушунилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилина-ди: «Бақара сурасининг 245-ояти нозил бўлгач, Абу Даҳдоҳ: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ҳам биздан қарз сўрайдими?» деб сўради. «Ҳа, эй Абу Даҳдоҳ», дедилар Набий алайҳиссалом. «Қўлингизни узатинг, эй Аллоҳнинг Расули», деган эди, Расулуллоҳ унга қўлларини узатдилар. «Олти юзта хурмоси бўлган мана шу боғимни Парвардигоримга қарзга бердим», деди Абу Даҳдоҳ. Кейин у боғини ўраб турган девор олдига келиб, аҳли аёлини чақирди: «Эй Умму Даҳдоҳ!». Аёли «лаббай» дея жавоб қилганида: «Чиқ боғдан, мен уни Парвардигоримга қарзга бердим», деди” (Абу Яъло ривояти). Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз, ёки молингиздан Аллоҳ йўлида сарфласангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради.
18. У яширин ва ошкора ишларни билувчи, қудратлидир, ҳикматлидир.
Аллоҳ таоло шунчалар қудратлики, у барча яширин ва ошкора нарсаларни билади. Бандаларнинг ҳар бир иши, қилмиши Унинг доимий назоратидан четда эмас. У инсонларнинг ақли етмайдиган ғайбий (фақат Аллоҳгагина маълум бўлган, махлуқотга маълум қилинмаган) сирларни ҳам билади. Кўпинча “қудратли” деб тажима қилинадиган Аллоҳ таолонинг ал-Азиз исми истилоҳда жуда кенг маънони англатади. Азиз - “барчанинг устидан ғолиб” дегани, Ундан ҳеч бир нарса устун келолмайди, жамики азизлик маъноси Унинг учундир. Куч-қувват азизлиги ҳам Унинг учундир. Манъ қилиш азизлиги ҳам Унинг учундир, У бунда бирор кишига муҳтож эмас. Қаҳр ва ғолиблик азизлиги ҳам Унинг учундир, бирор нарса Унинг изнисиз ҳаракат қила олмайди. Аллоҳнинг ушбу ал-Азиз исми Қуръони каримнинг юзга яқин жойида келган. ал-Азиз исмининг яна бир маъноси шарафдир. Бугунги кунда мусулмонлар устига келиб турган заифлик ва хорлик ҳамда бошқа умматлардан ортда қолишнинг бош сабаби гуноҳ ва маъсиятларни бемалол содир қилиб, Аллоҳнинг динидан йироқлашишгани учундир. Агар улар ҳам саҳобаларга ўхшаб Аллоҳнинг динини маҳкам ушлашса, унинг таълимотларига амал қилишга ўтишса, Аллоҳ таоло уларни ҳам азиз қилиб, душманлари устидан ғолиб қилар эди.
Аллоҳ таолонинг яна бир гўзал исми ал-Ҳаким бўлиб, у “ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилувчи” маъносини билдиради. Аллоҳ таолонинг ал-Ҳаким исми Қуръони каримнинг юзга яқин жойида так-рорланиб келган. Аллоҳ таолонинг иккитадан исми бир ўринда келган пайтда бу ўзига хос маъно касб қилади. Масалан, Азизун-Ҳаким дейилса, Аллоҳ таоло кучли, қудратли, лекин У Ҳаким ҳамдир, яъни куч-қудратли бўлиши билан бирга Ҳаким - ҳамма нарсанинг ҳикматини билувчи ҳамдир. Аллоҳ таолонинг куч-қудратли бўлиши Уни зулм қилишга олиб бормайди, балки ал-Ҳаким исми ва сифати билан Аллоҳ таоло бу куч-қудратини ўз ўрнига ишлатади. Бу буюк исм Аллоҳ таолога мукаммал ҳукм ва мукаммал ҳикмат собит эканига далолат қилади. Мукаммал ҳикмат эса Аллоҳ таоло учун яратишида, буйруқларида ва шариатида собитдирки, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ўз жойига қўяди ва уларни ўз ўрнига туширади. Аллоҳ таолога ҳукмнинг собит бўлиши Унга бутун гўзал исмлар ва олий сифатларнинг собит эканидадир. Чунки у эшитувчи, кўрувчи, билувчи, хабардор, сўзловчи ва тадбир қилувчи ҳамда бундан бошқа исм-сифатларга эгадир. Шуларга эга бўлсагина У ҳамма нарсани ҳикмати билан қилган бўлади. Аллоҳтаоло буларнинг барчасига эга ягона Зотдир.