loader

041. Фуссилат сураси

Маккада нозил бўлган, 54 оятдан иборат

“Фуссилат” сўзи луғатда «муфассал баён қилинган» маъносида, Қуръони каримнинг қирқ биринчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 54 оятдан иборат. Сура Қуръони карим таърифи билан бошланади. Хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи бу Китобнинг оятлари ақлли, онгли кишилар учун муфассал баён қилиб берилгани учун у Фуссилат деб аталади. Бу сурада Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳар бир инсонни ҳисоб-китоб қилиши, ёлғиз Аллоҳга эътиқод қилган кишилар учун охират диёрида тайёрлаб қўйилган ажр-мукофотлар, борлиқда ва инсон вужудида Яратганнинг қудрати ва ҳикматига далолат қилувчи оят-аломатлар мавжудлиги ҳақида хабар берилади. Шунингдек, унда осмонлару Ернинг яратилиш қиссаси, Од ва Самуд қавмларининг қиссалари зикр этилади. Улар қанчалик куч-қудратли қавм бўлишларига қарамай, куфрлари туфайли ҳалокатга учраганлари ҳикоя қилинади, уларнинг охиратда тортадиган азоблари эслатиб ўтилади. Жиноятчи қавмлар ҳақидаги оятлардан кейин Аллоҳнинг дини ва Унинг шариатида собитқадам мўмин зотлар, уларни Аллоҳ таоло иззат-икромлар ила мукофотлаши ҳақида сўз кетади.
Фуссилат сураси «Ҳа мим» билан бошланувчи еттита суранинг иккинчисидир. Улар «Ҳа мимлар» деб ҳам аталади. Улуғ саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Ҳа мим» оиласи Қуръоннинг дебочасидир», деганлар. Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса «Ҳар бир нарсанинг юраги бордир. Қуръоннинг юраги «Ҳа мим» оиласидир», деганлар.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Ҳа миим.
Олдинги сураларда зикр қилинганидек, Қуръони каримдаги бу ёлғиз, кесик ҳарфларнинг асл маъносини Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот билмайди.

2. (Қуръон) ар-Раҳмон ва ар-Роҳийм томонидан нозил қилинган.
Ушбу ояти каримада Қуръони каримнинг ар-Раҳмон ва ар-Роҳийм сифатларига эга бўлган Аллоҳ таоло томонидан нозил қилингани билдирилмоқда. Аллоҳ таолонинг ар-Раҳмон сифати фақат Унинг Ўзига хос бўлиб, барчага - мўминга ҳам, кофирга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи маъносини англатади. Раҳмон сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди. «Ар-Раҳмон» исми Қуръони каримда 45 ўринда зикр қилинган бўлиб, олти ўринда «ар-Роҳийм» исми билан ёнма-ён келган. Баъзи уламолар ушбуни «исми аъзам» деб ҳисоблашган. Аллоҳнинг исми аъзами ҳар бир мўминга тааллуқлидир. Масалан, камбағал мўминга нисбатан исми аъзамнинг маъноси «беҳожат қилувчи», бемор мўминга нисбатан «шифо берувчи», кучсиз мўминга нисбатан «куч-қувватли»дир. Аллоҳнинг Раҳмон ва Роҳийм сифатлари орасида қуйидагича фарқ бор: Раҳмат икки хил бўлади: умумий раҳмат ва мукаммал (хос) раҳмат. Аллоҳнинг Раҳмон исми умумий раҳматни англатади. Умумий раҳматга ҳақдор ҳам, ҳақдор эмаслар ҳам эришаверади. Масалан, ёмғир ёғса, ундан барча одамлар, яъни мўмин ҳам, кофир ҳам, мунофиқ ҳам, фосиқ ҳам бирдек фойдаланаверади. Аммо хос раҳматдан фақат ҳақдор кишилар баҳраманд бўлади. Ушбу хос раҳматда хоҳиш билан амалиёт жамланган бўлади. Аллоҳнинг Роҳийм исми хос раҳматга киради. Масалан, бир кишининг бешта фарзанди бор. У ҳамма фарзандларини бир хил овқат, бир хил кийим ва бир хил ётоқ билан таъмин-лаган. Мана шу умумий раҳм қилишга киради. Фараз қилайлик, фарзандлардан бири отага алоҳида ихлос ва вафо билан хизмат қилади. Ота ҳам гоҳида шу фарзандига алоҳида эътибор қаратади. Мана шу хос раҳмдир. Аллоҳ таолонинг хос раҳмати қиёмат куни ҳақиқий мўминларгагина бўлади.

3. Биладиганлар учун арабий Куръон ўлароқ оятлари муфассал баён қилинган Китобдир.
Яъни, Аллоҳ таолонинг махлуқотни яратиш ҳикматини, Қуръони каримнинг ҳақиқатини англаган-билганлар учун У Ўзининг илоҳий Каломини қиёматгача дастурил амал ўлароқ араб тилида нозил қилди, токи бандалар ундаги амрларни билсинлар ва бажарсинлар, қайтариқлардан четда бўлсинлар, охиратдаги Аллоҳнинг азобидан сергак тортсинлар. Парвардигор буларнинг ҳаммасини Қуръонда батафсил баён қилиб қўйган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар, Аллоҳга, Унинг Расулига, Расулига нозил қилган Китобга, аввал туширган китобга имон келтиринглар. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, ҳиёмат кунига ишонмаса, у аник, адашган бўлади” (Нисо, 136).

4. Хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчидир. Кўплар ундан юз ўгирдилар, улар энди эшитишмайди.
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз сизларга нозил қилган Қуръони карим дунё ҳаётида имони ва солиҳ амаллари билан Аллоҳнинг мукофотидан умид қилувчи мўмин бандаларга абадий роҳат-фароғат маскани бўлган жаннат башоратини, яъни хушхабарини беради. Шунингдек, ушбу Китоб Аллоҳга имон келтиришдан бўйин товлаб, Унинг ваҳийларини инкор қилган кофир кимсаларга охиратда тайёрлаб қўйилган жазо ва азобдан огоҳлантирувчи ҳамдир. Инсонлар Қуръони каримнинг хушхабарларидан қувонишлари, огоҳлантиришларидан қўрқиб, ўзларини ўнглашлари лозим эди. Аммо улар бундай йўл тутишмади: Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг даъватларини кулоққа олишмади, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиб, ёлғонга чиқаришди. Бузуқ ақидаларидан воз кеча олмай, сохта “илоҳ”ларга, бут-санамларга сиғинишда давом этаверишди. Улар ўзларига Қуръони карим оятлари тиловат қилинганидауни эшитмасликучун кулоқларини беркитиб, қалбларини тўсиб олишди. Илоҳий ваҳийлардан юз ўгириб кетишди, шу тариқа икки дунё саодатини бой беришди.

5. Улар айтишди: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан тўсилган, қулоқларимизда оғирлик бор, сен билан бизнинг орамизда эса парда бор. Сен ҳам амалингни қилавер, биз ҳам амалимизни қилаверамиз».
“Сийратун-Набавийя”да Ибн Исҳоқ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Қурайш раисларига Қуръонни тиловат қилиб, Аллоҳга даъват этсалар, улар масхара қилиб: “Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан тўсилган, яъни сен айтаётган нарсаларни тушунмаймиз, қулоқларимизда оғирлик (карлик) бор, сен билан бизларнинг ўртамизда тўсиқ-парда бор, сен ўз амалингни қилавер, биз ўзимизникини қиламиз”, дейишар эди. Шу тариқа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Аллоҳтаолонинг оятларини ўқиб берганларида, уларни ҳақ дин - Исломга чақирганларида, бу улкан ҳақиқатдан юз ўгиришди, ваҳийларни эшитишмади, имонга келмай, икки дунё саодатидан маҳрум бўлишди.

6. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен ҳам сизларга ўхшаш башардирман. Менга «Илоҳингиз ягона Илоҳдир» деб ваҳий қилинди. Сизлар Унинг Ўзигагина тўғри юзланинглар ва Ундан мағфират сўранглар. Мушрикларнинг ҳолига вой бўлсин;
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб, мушриклардан у зотга юборилган Қуръондан нега қўрқишлари, Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашмасликлари сабабини сўрашни буюрмоқда. Ҳолбуки, Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўшаларнинг қавмидан чиққан оддий инсонлар-ку! Пайғамбарнинг оддий кишилардан фарқи шуки, фақат унга Аллоҳнинг ваҳийлари нозил қилиниб, улар билан инсонларни ҳидоятга бошлаш буюрилган. Пайғамбар алайҳиссаломга ўзларига Аллоҳдан ваҳий келганини, ўша ваҳийнинг асосий маъноси “Илоҳингиз ягона илоҳдир” эканини уларга етказиш топширилди. Эй инсонлар, шуни яхши билиб олингларки, дунёда ягона Илоҳ - ибодатга сазовор Зот Аллоҳдир. Ҳамма махлуқот ўша ягона Илоҳга тоат-ибодатда яшамоғи лозим. Яна шундай бир муборак калима борки, инсонлар уни дил билан тасдиқлаб, тил билан иқрор бўлгачгина имонга келишади, уни айтибгина Исломда эканларини изҳор этишади. Бу «Лаа илааҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) калимасидир. Унинг маъноси: сиғиниш ва ибодат қилиш учун Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У яккаю ягонадир, деганидир. «Лаа илааҳа иллаллоҳ» Ислом динининг энг биринчи асоси, тавҳиднинг шиоридир. Бу билан инсонлар Аллоҳ таолонинг ягоналигини, У ҳамма нарсанинг танҳо яратувчиси эканини, У бутун коинот ва жамиятдаги ҳамма нарсани кузатиб-бошқариб туришини, фақат Унинг Ўзигагина сиғинилиши, шукр ва ибодат қилиниши, амр-фармонларига итоатда бўлиниши лозимлигини англайдилар. Барча пайғамбарлар каби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматни тавҳидга, фақат Аллоҳга қуллик қилишга чақирганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Зикрларнинг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ»дир. (Термизий ва Ибн Можа ривояти). Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Жаннатнинг калитлари Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик беришдир», деганлар» (Аҳмад ривояти). Шунинг учун бандалар фақат Унинг Ўзигагина юзланишлари, Ундангина мағфират сўрашлари лозим. Мушрик кимсалар эса бу бахтдан бенасибдир, уларнинг дунё ва охиратдаги ҳолига вой бўлсин!

7. улар закотни беришмайди ва ўзлари охиратга ишонишмайди».
Мушрик кимсаларнинг энг катта адашувларидан бири - уларнинг Аллоҳ фарз қилган закотни бермасликлари ва ўзларининг охиратга ишонмасликларидир. Шаръий истилоҳда моли нисобга етган одамнинг ҳар қамарий йилда бир марта молининг қирқдан бир улушини Аллоҳ таоло фарз қилган ҳақдорларга бериши «закот» дейилади. Закот динимизнинг беш асосий рукнидан бири, молиявий ибодат саналади. Бу ибодат Китоб, Суннат ва ижмоъ билан собитдир. Уни инкор этган диндан чиқади, ишониб адо этмаган улкан гуноҳни орттиради. Закот балоғатга етган, ақлли, эҳтиёж ва қарзларидан ташқари йил тўлган нисоб миқдоридаги (ҳукман бўлса ҳам) кўпаювчи мол-мулки бор мусулмонга фарз бўлади. Закот бераётганда ёки мулкидан ажратаётганда унинг закот эканини ният қилиш лозим. Фақир олаётган моли закот эканини билиши шарт эмас. Аммо закот берувчи уни ният қилиб бир фақир ёки етимнинг қорнини тўйдирса, бу харажат закот ўрнига ўтмайди. Шаръий закот Қуръон ва Суннатда «садақа» деб ҳам номланган. Мушриклар закот беришдан бош тортишгани учун охиратда Аллоҳнинг аламли азобига учрашади. Улар охиратга ишонмаганлари учун ҳам закотни инкор қилишади. Охиратга, яъни қиёматга ишониш имоннинг яна бир шартидир. Охиратга ишониш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда охират ҳақида келган барча нарсаларга: қабрда икки фариштанинг савол қилишига, қабр азоби ва неъматига, охират куни олдидан бўладиган аломатларга, қайта тирилишга ва ҳамманинг тўпланишига (ҳашрга), номаи аъмолларнинг берилишига, кишининг савоб ва гуноҳлари ҳисоб қилинишига, мезон (тарозу)га, ҳавзга, сиротга, шафоатга, жаннат ва дўзахга, уларнинг аҳлларига ҳозирланган неъмат ва азобларга ишониш, демакдир.

8. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга албатта битмас-туганмас мукофотлар бордир.
Аллоҳ таоло инсонларга қарата шундай хитоб қиляпти: “Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва Китобига имон келтириб, ҳаётида солиҳ амалларни кўп қилган саодатманд бандаларига берган билан сира тугамайдиган мукофотлари бор”. Ояти каримадаги “ажрун ғойру мамнун” жумласи икки хил маънони билдиради: 1) қанча берилгани билан ҳеч қачон тугамайдиган мукофот; 2) Аллоҳнинг мукофоти хасис кимсанинг ўзи берган эҳсонини олувчига ҳамиша миннат билан эслатиб туришига ўхшамайди.
Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятида банда учун ўта муҳим бўлган икки вазифани зикр этмоқда: аввало имон келтириш; сўнгра солиҳ амаллар қилиш. Ҳақиқатан инсондан фақат қилган яхшиликлари, солиҳ амаллари, яхши номи қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло имонли бандаларига қаерда бўлишса ҳам, қай йўсинда бўлса ҳам фақат солиҳ амаллар, яхшиликлар қилишга буюрмоқда. Инсон қилган яхшиликлари билан Аллоҳ таоло розилигини топади. Яхшилик, солиҳ амал қилишнингўзи у ёқда қолиб, яхшиликка йўллаб қўйганлар ҳам ажр-савобга эришишади.

9. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Сизлар ҳақиқатан Ерни икки кунда яратган Зотга куфр келтиряпсизларми ва ўзгаларни Унга тенглаштиряпсизларми?! Ахир У оламларнинг Парвардигори-ку;
Ушбу ва бундан кейинги оятларда кофир ҳамда мушрикларнинг куфрлари, ширклари билан инсоният тарихида қанчалик улкан, даҳшатли гуноҳ қилишлари фош этилади. Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, эй Муҳаммад, сиз ўша ғофил кимсаларга: “Сизлар ҳақиқатан Ерни икки кунда яратган Зотга куфр келтиряпсизларми ёки бут-санамларни, бошқа нарсаларни Унга тенглаштиряпсизларми, ахир У бутун оламларнинг Парвардигори-ку?!” деб айтинг. Қуръони каримнинг бир неча оятларида (Масалан, Аъроф, 54; Сажда, 4) Аллоҳ таоло Ерни олти кунда яратгани васф қилинган эди. Ушбу оятда нега “икки кунда яратган”и зикр этиляпти? Бу саволга жавоб топиш учун қуйидаги 10-оятга ва унинг тафсирига эътибор қаратилса, масала ойдинлашади. Аллоҳ таоло Ерни икки кунда яратди ва ундагилар ризқини тўрт кунлик ўлчовда белгилади, яъни тўрт кунда Ердаги махлуқлари учун ризқ манбаларини яратди, жами олти кун бўлди.

10. У (ер) устида барқарор тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва ундагилар ризқини тўрт кунлик ўлчовда белгилади. Бу сўровчилар учундир».
Аллоҳ таоло Ерни яратиб бўлгач, унинг қимирлаб, одамларни безовта қилмаслиги учун устида мустаҳкам, барқарор турувчи тоғларни ҳам ўрнатиб қўйган. Мутахассисларнинг айтишларича, Ернинг радиуси 6035 километр бўлгани ҳолда унинг биз яшайдиган қисми - Ер пўстлоғининг қалинлиги бор-йўғи 35 километрга яқин экан. Модомики, Ер қобиғи шундай юпқа бўлар экан, унинг қимирлаб туриш эҳтимоли ҳам юқори бўлади. Бу вазиятда тоғлар худди чодирларни маҳкамлаб турувчи қозиқлар каби Ернинг пўстлоқ қисми барқарорлигини таъминлайди. Қуръони карим ҳам бу ҳолатни айнан шундай - “барқарор тоғлар” деб таърифламоқда.
Аллоҳ азза ва жалла Ерни фақат тоғлар билан мустаҳкамлабгина қолмай, унинг устини баракотли ҳам қилди: унда турли дон, мева, сабзавот ва бошқа неъматларни ундирди. Зилол ва ширин сувли дарё-сойларни оқизиб, булоқларни чиқариб берди. Инсонларнинг фойдаланишлари ва емишлари учун чорва ҳайвонларини ҳам яратиб қўйди. Яна Парвардигор Ер юзида яшаб турган барча махлуқотининг ризқини ҳам ўлчовли қилиб бериб қўйди. Филга ҳам, китга ҳам, чумолига ҳам, инсонга ҳам ўзига яраша ризқ ато этди. Ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло Ерни икки кунда, қолган жамики нарсаларни - тоғлар, дарахтлар, сув, обод ва хароб ерларни ҳам икки кунда яратган. Оятдаги “тўрт кунлик” жумласи шунга ишора қилади. Кофирлар Аллоҳга имон келтирмаслик билан қандай Зотга куфр келтираётганларини, Аллоҳни инкор этиш билан қандай Зотга исён қилаётганларини билишармикин? Ер ва осмонларни, улар орасидаги нарсаларни, барча махлуқларни, жумладан инсонларни ҳам яратган Зотга куфр келтириш мумкинми?
Икрима айтади: “Аллоҳ ҳар бир шаҳарга берган ризқдан бошқа бир шаҳарга бермаган нарсани ўлчовли қилиб тақдир этди. Токи бир шаҳардан бошқа бир шаҳарга тижорат қилиш воситасида бориб, бир-бирлари туфайли тирикчилик қилишсин”. Ҳасан Басрий ва Абдурраҳмон ибн Зайд шундай дейишган: “Шаҳарлар аҳлининг (ўзларига берилаётган) ризқларини кўпайтиришни сўровчилар учун ризқни ўлчовли қилиб тақдир этди”.

11.Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга истиво қилиб, унга ва Ерга: «Ихтиёр қилган ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» деди. Иккови: «Ихтиёримиз билан келдик», дейишди.
Аллоҳтаоло тутун ҳолидаги осмонга истиво қилиб, осмонга ва Ерга “Икковингиз ихтиёрий ёки мажбурий ҳолингизда келинг”, деди. (“Истиво” борасида Юнус сурасининг 3-ояти тафсирига қаранг). Осмон ҳам, Ер ҳам “Ўз ихтиёримиз билан келдик”, дейишди.
Замонавий муфассирлар борлиқ яралишидан олдин ҳамма нарса туман, тутун, қандайдир газ ёки чанг ҳолатида бўлганини, улардан юлдузлар пайдо бўлганини ёзишади. Оламнингяратилишини ҳозирги астрофизик олимлар кўпчиликка маълум ва машҳур -“Улкан Портлаш” (Биг Банг) ҳодисаси орқали тушунтиришади. Фалакшунос ҳамда астрофизиклар томонидан ўнлаб йиллар давомида тўпланган кузатиш ишлари ва тажрибалардан олинган натижалар ҳам шунга далолат қилмоқда. “Улкан Портлаш” ҳодисасига кўра, бутун олам дастлаб улкан масса (Бирламчи Туманлик) бўлган. Кейинчалик, “Улкан Портлаш” (Иккиламчи Ажралиш) содир бўлган, натижада галактикалар юзага келган. Булар кейинроқ янада майдароқ нарсаларга бўлиниб, юлдузлар, сайёралар, қуёш, ой ва ҳоказолар пайдо бўлган. Оламнинг асли мислсиз, яъни илга-ри унга ўхшаши бўлмаган, унинг “тасодифан” содир бўлгани эҳтимоли нолга тенг.
Қуръондаги ушбу оят билан “Улкан Портлаш” ҳодисаси ўртасидаги ақл бовар қилмас ўхшашликни кўринг! 1400 йил илгари араб саҳроларида нозил қилинган китобда қандай қилиб бундай илмий ҳақиқатни келтирилганига эътиборни қаратинг! Замона фалакшунос олимларининг эътироф этишларича, оламда галак-тикалар шаклланишидан олдин осмон материяси дастлаб газ ҳолатида бўлган. Қисқача айтганда, галактикалар шаклланишидан илгари улкан газ материяси ёки булутлар мавжуд эди. Осмоннинг дастлабки материясини, яъни нимадан таркиб топганини тушун-тириш учун газ сўзидан кўра “тутун” сўзи кўпроқ мос келади. Қуръони каримнинг юқоридаги ояти оламнинг ушбу ҳолати ҳақида бўлиб, ундаги “духон” сўзи тутун деган маънони билдиради. Ушбу далил ҳозирги олимлар келтираётган “Улкан Портлаш” ҳодисасининг мантиқий хулосаси, Қуръони каримнинг қиёматгача инсонлар дуч келадиган мўъжизаларни ҳар замонда вақти-вақти билан очиб бориши ҳақидаги фикрларнинг яққол далили эмасми? Яна шуни ҳам эътиборда тутиш керакки, бу ҳодиса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларидан олдин ҳеч кимга маълум эмас эди. Шундан кўриниб турибдики, инсонлар гувоҳ бўлган ва ўрганаётган барча билимларнинг ягона манбаи Қуръони каримдир!

12. Бас, икки кунда етти осмонни барпо этди ва ҳар бир осмонга ишини ваҳий қилди. Дунё осмонини чироқлар билан безадик ва асрадик. Бу қудратли, билувчи Зотнинг ўлчовидир.
Аллоҳ таоло икки кунда еттита осмонни яратгани, уларнинг ҳар бирига борлиқдаги вазифаси - хизматини белгилаб ваҳий юборгани, дунё осмонини чироқлар, яъни қуёш, ой, юлдузлар билан безаб қўйгани, буларни ҳамиша Ўз муҳофазасида асраб келаётгани хабарини бермоқда. Аллоҳ таоло борлиқни олти кунда яратган бўлса, шундан икки кунда еттита осмонни барпо этгани аён бўлади. Умуман “кунлар” ҳақида сўз борганида бизларнинг тасаввуримиздаги йигирма тўрт соат давом этадиган кеча-кундузни тушунмаслик керак. Чунки Қуръони каримдаги “кунлар” ҳатто минг йиллаб давом этадиган муайян ривожланиш жараёнини англатиши ҳам мумкин. Буларнинг асл ҳақиқати, сифати ва миқдорини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Кўпгина мўътабар (масалан, Ибн Касир, Насафий, Табарий) тафсирларда зикр қилинишича, Аллоҳ таоло Ерни, ундаги ҳамма нарсани биринчи навбатда тўрт кунда яратган, аммо уни ёйиб, текислаб, муайян шаклга келтирмаган. Қолган кунлари осмонлар, қуёш, ой, фаришталар, Одамни яратиб бўлгач, Ерни туяқуш тухуми шаклида ёйиб, текислаб қўйган. Мазкур кунлар қандайлиги ва қанча миқдорда эканини Аллоҳнинг Ўзигина билади. Уламолар «Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, буларни кўз очиб-юмгунча яратар эди, лекин бандаларига пухталикни ўргатиш учун шошилгани йўқ», дейишади.
Атрофимиздаги Аллоҳ таоло яратган борлиқ ва ундаги илоҳий низомга фикр кўзи билан назар соладиган бўлсак, бутун олам бир моддадан ва ягона режа асосида яратилганига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ осмонлар ва Ерни, улардаги барча мавжудотларни, наботот ва ҳайвонот оламини шундай ҳикмат, дақиқ бир қонуният, аниқ ҳисоб-китоб билан яратиб қўйибдики, Холиқимизнинг ҳар бир кашфиётидан, ҳар бир ҳикматидан ҳайратга тушмай, қойил қолмай, тасаннолар айтмай иложимиз йўқ! Қуръоннинг сўзлари ўзининг мутлоқ ҳақиқати билан ҳақдир. Айни пайтда энг улуғ тадқиқотчи олим ҳам фақат нисбий ҳақиқатга эришиши мумкин. Ҳар бир киши ҳам ҳақиқатни ўз нуқтаи назари орқали кўради ва унинг барча тасаввур-тушунчалари чекланган ҳамда кунма-кун, асрма-аср ўзгариб турадиган бўлади. Ҳар биримиз ҳаётнинг маълум бир томони-нигина ўрганишга қодирмиз, бошқа йўналишларни қамраб олиш ва ёритишга кучимиз етмайди. Бизнинг танлаб олинган йўналишдаги эришганларимиз ҳам нисбий илм бўлади.
Ҳар томонлама билимга ва ҳамма нарсани қамраб олишга фақат ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигина қодир. Ёлғиз Угина мутлоқ ҳақиқат, мутлоқ илмга ва яратиш қудратига эгадир. Шунинг учун биз Қуръон - Аллоҳдандир, деймиз, шунинг учун Ў ҳар бир нарсада мутлоқ ҳақиқатга эришган, деймиз. Буларнинг ҳаммаси Ўзи яратган жамики махлуқотидан устун, қудратли, борлиқдаги ҳамма нарсанинг энг майда-чуйдасигача билиб турувчи Зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг ўлчовидир, белгилаган тақдиридир. Аллоҳ Азиз - ҳамма нарсадан кучли, қудратли, ғолиб ва устун бўлгани учун ҳам ана шу нарсаларни яратди, ўлчовли қилиб қўйди. Аммо Аллоҳ яратиб қўйган нарсаларни тўлиқ идрок қила олмаган, бу ҳақда фикр юритмаган, Аллоҳ берган ақл билан буларнинг фаҳмига ета олмай юрган инсон эса кибру ҳавоси билан ана шундай қудратли ва билимли Зотга куфр келтиради, Унинг ваҳийларини инкор этади, динини мазах қилади, шариатига бўйсунмайди. Ана шундай қудрат Эгасига имон келтирмаганлар инсонларнинг энг жоҳиллари ва калтафаҳмларидир. Аллоҳга куфр ва ширк келтириш инсоният тарихидаги энг улкан қабоҳат ва шармандаликдир!

13. Агар юз ўгиришса, «Сизларни Од ва Самудга келган чақмоққа ўхшаш чақмоқ билан огоҳлантирдим», деб айтинг.
Аллоҳ таоло инсонларнинг имонга келишлари учун борлиқдаги бир қанча мўъжизаларини, ҳужжат-далилларини келтириб, улар ҳақида тафаккур қилишни, ибрат олишни буюриб қўйган. Агар шундан кейин ҳам кофир-мушриклар имондан юз ўгиришса, уларга Од ва Самуд қабилаларига келиб, уларни ҳалок қилган чақмоқ буларни ҳам ҳалок этиши мумкинлигини айтиб, огоҳлантиришни Пайғамбарига буюрмоқда. Чунки Макка мушриклари ҳам худди ўша халокатга учраган қабилаларнинг хатосини такрорлашмоқда.
Ушбу огоҳлантириш ҳақида Ибн Исҳоқ “Сийратун-Набавийя”да Муҳаммад ибн Каъб Қаразийдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Утба ибн Робиъа Қурайш бошлиқларидан бири эди. Бир куни у Қурайшнинг мажлисхонасида ўтирарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса масжидда ёлғиз ўзлари ўтирар эдилар. Утба: “Эй Қурайш жамоаси, бориб Муҳаммад билан бир гаплашайми? Унга бир неча ишларни таклиф қилиб кўраман, шояд, бирортасини қабул қилиб қолса. Нимани хоҳласа, берар эдик, сўнгра биздан четланади”, деди. Ўша пайтда Ҳамза розияллоҳу анҳу Исломга кирган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари кўпайиб бораётгани маълум бўлиб турган пайт эди. Қурайшликлар: “Тўғри айтасан, эй Абул Валид, унинг олдига бориб, у билан гаплашиб кўр”, дейишди. Утба туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борди ва гап бошлади: “Эй биродаримнинг ўғли, сен ичимизда ўзингдек кучли қабиладансан, насабинг ҳам маълум ва машҳур. Сен қавмингга улуғ бир ишни олиб келдинг, у билан ораларига тафриқа солдинг. Ақлларини паст, дединг. Худоларини ва динларини айбладинг. Уларнинг ўтган боболарини кофир, дединг. Менга қулоқ сол, сенга бир неча ишларни таклиф қиламан, уларга қараб кўр. Шояд, улардан баъзисини қабул қилсанг”, деди. “Эй Абул Валид, айт, эшитаман”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. “Эй биродаримнинг ўғли, деди Утба, агар ўзинг келтирган ушбу иш билан мол-дунёни хоҳлаётган бўлсанг, сенга мол-давлатимиздан жамлаб берайлик, токи ичимизда энг кўп мулкли бўлгин. Агар у билан шон-шарафни хоҳлаётган бўлсанг, сени ўзимизга бошлиқ қилиб олайлик, сенинг изнингсиз бирор иш қилмайлик. Агар у билан ҳукмдорликни хоҳлаётган бўлсанг, сени ўзимизга ҳукмдор қилиб олайлик. Агар сенга келаётган бу нарса бирор жин ёки шарпа бўлса, уни қайтара олмаётган бўлсанг, табибларни олиб келайлик. Токи тузалиб кетгунингча мол-дунёмизни сарф қилайлик. Кўпинча одамга шундай нарса келса, даволанса, тузалиб кетади”.
Утба гапини тамом қилгунича қулоқ солиб турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абул Валид, гапириб бўлдингми?” дедилар. “Ҳа”, деди Утба. “Энди мендан эшитгин. «Бисмиллаҳир Раҳмонир роҳийм. Ҳа миим» деб, Фуссилат сурасини тиловат қилиб бердилар. Сажда оятини ўқиб, сажда қилдилар. Сўнгра: “Эй Абул Валид, эшитган нарсангни эшитдинг. Энди ўзинг биласан”, дедилар. Утба ўрнидан туриб, шериклари томон юрди. Улар бир-бирларига: “Аллоҳга қасамки, Абул Валид кетгандаги юзидан бошқа юз билан олдимизга келмоқда”, дейишди. У олдиларига келиб ўтиргач: “Эй Абул Валид, нима гап олиб келдинг?” дейишди. У: “Аллоҳга қасамки, мен ундан ҳеч эшитмаган гапни эшитдим. Аллоҳга қасамки, у сеҳр эмас, шеър ҳам эмас, фолбинлик ҳам эмас. Эй Қурайш жамоаси, менга итоат қилинглар. У одамни ўз ишига қўйиб беринглар. Ундан четланинглар. Аллоҳга қасамки, мен эшитган сўзга қараганда, унинг улуғ хабари бўлади (унга улуғ хабар келади). Агар бошқа араблар уни даф қилсалар, бошқалар келиб сизни қутқарган бўлади. Агар у араблардан устун келса, унинг мулки сизнинг мулкингиз бўлади. Унинг иззати сизнинг иззатингиз бўлади. Энг саодатли одамлар бўласиз”, деди. Улар: “Эй Абул Валид, сени у ўз тили билан сеҳрлаб қўйибди”, дейишди. Утба: “Бу менинг фикрим, ўз билганингизни қилинглар”, деди».

14. Ўшанда пайғамбарлари уларнинг олдларидан ҳам, ортларидан ҳам «Фақат Аллоҳга ибодат қилинглар» деб келишганида, улар: «Агар Парвардигоримиз хоҳласа, фаришталарни туширган бўларди. Энди биз сизлар билан юборилган нарсага кофирдирмиз», дейишди.
Яъни, Аллоҳ таоло пайғамбарлар юбормоқчи бўлганида албатта уларни фаришталар жамоасидан юборган бўларди. Сизлар эса биз каби одам наслидансизлар, шунинг учун сизларга асло имон келтирмаймиз. Пайғамбарлар турли йўллар билан Од ва Самуд қавмларига Аллоҳнинг амрини етказишганида улар ҳар хил баҳоналар билан илоҳий амрларга куфр келтириб, кофир бўлишди. Ўша осий қавмлар «Фақат Аллоҳга ибодат қилинглар» деган чорловни назарга олишмади, пайғамбарларнинг гапларига қулоқ солишмади. Улар тавҳидга даъват қилаётган пайғамбарларни инкор қилишди. Уларнинг жоҳиллиги шу даражага бордики, пайғамбарнинг ўзларига ўхшаган одам наслидан бўлишини тасаввурларига сиғдира ҳам олишмади. Жоҳилликларини хас-пўшлаш учун баҳона ҳам топишди: «Парвардигоримиз пайғамбар юборишни хоҳласа, фаришталарни пайғамбар қилиб туширар эди, сизлар эса бизга ўхшаган оддий одамсизлар, сизларнинг пайғамбар бўлишингиз мумкин эмас, шунинг учун биз сизларга ва сизлар олиб келган таълимотларга ишонмаймиз, яъни пайғамбарлигингизга куфр келтирамиз», дейишди.

15. Од бўлса Ер юзида ноҳақ мутакаббирлик қилди ва: «Куч-қувватда бизлардан ким ҳам зўрроқ?» деди. Уларни яратган Аллоҳ ўзларидан қувватли эканини билишмасмиди? Улар оятларимизни инкор этардилар.
Тафсирларда зикр қилинишича, Од қавмининг одамлари ниҳоят-да баланд бўйли, ўта куч-кувватли бўлишган: узун бўйлилари юз газ, қисқалари олтмиш газ келган. Уларнинг ҳар бири тоғдай зил-замбил тошларни кўчириб олиб, хоҳлаган ерига қўя олар эди. Шунинг учун улар “Дунёда биздан кучли одам йўқ, бизлар ҳамма нарсага қодир-миз” деган фикрга бориб, ҳаддидан ошди. Кибр ва ғурурга кетиб, алал-оқибат Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлди.
Одатда айрим одамлар бойликда, куч-қудратда ёки фарзандлари ва танишлари кўплигида туғёнга кетади. Ўзини бошқалардан устун сезиб, босар-тусарини билмай қолади. Бундайлар бора-бора ўзларини яратган, ҳақиқий куч-қудрат эгаси бўлган Аллоҳни ҳам унутиб қўйишади. Туғилгандаги, болаликдаги, кексаликдаги ожиз ва нотавонликларини дарров эсдан чиқариб, ўзларини ҳамма нарсага қодирдай сезишади. Шу тариқа бора-бора яратган Парвардигорларига итоатсизлик кўрсатиб, Унинг оятларини инкор қилишгача боришади. Ана шундай осий кимсалар уларни яратган Аллоҳнинг барча махлуқотдан кучли, қудратли эканини билишмасмикин?
Аллоҳ таолонинг оятларини инкор этиш, улардан ибрат олмаслик турли бало-офат ва мусибатларнинг бошидир. Од қавми ҳам Аллоҳ таолонинг оятларини тан олмай кофир бўлди. Оқибатда «Биздан қувватлироқ ким бор?!» дейишгача етиб борди. Аммо уларнинг бу мутакаббирликлари узоқ давом этмади, тезда устларига Аллоҳнинг азоби етиб келди.

16.    Биз уларга дунё ҳаётида хор қилувчи азобни тоттириш учун наҳс кунларда устларига даҳшатли шамол юбордик. Охират азоби эса, шубҳасиз, хор қилувчироқдир ва уларга ёрдам берилмас ҳам.
Оятдаги «наҳс кунлар» деб таржима қилинган “айямин наҳисат» ёмон, машъум, бахтсизлик келтирувчи кунларни англатади. Аллоҳ таоло Од қавми устига бало-мусибат сифатида юборган даҳшатли “сорсор” шамоли қавм учун ана шундай ёмон, хосиятсиз кунда келган эди. Бошқа бир оятда бу «машъум кунлар»нинг етти кечаю саккиз кундуз давом этгани баён қилинган. Ўшандаги шамол «сорсор» номи билан машҳур бўлиб, ўта совуқ ва қаттиқ келган, баданга теккан жойини тешиб кетган. Од қавми бу дунё ҳаётида шундай азобга йўлиқди.

17.    Аммо Самудни ҳидоят қилган эдик. Улар эса ҳидоятдан кўра кўрликни ихтиёр қилишди. Шунда қилмишлари сабабли уларни хорловчи азоб чақмоғи урди.
Аллоҳ таоло олдин ўтган қавмлардан Самудга Ўзининг пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломни рисолатни етказиш вазифаси билан юборган, уларни ҳидоятга чорлашни буюрган эди. Солиҳ алайҳиссалом Парвардигорининг ушбу амрини холислик билан адо этди, қавмни Аллоҳнинг тўғри йўлига даъват қилди. Аммо Самуд жоҳилликка бориб, ҳидоятни қабул қилиш ўрнига ўзини кўрликка солди. Кўрлиги учун куфр-адашиш йўлидан кетиб қолди, атрофидаги Аллоҳнинг мўъжизаларини кўрмасликка олди. Аллоҳнинг ҳидоятига юрмай, залолат-адашув йўлини танлаган одам кўр бўлмай, бошқа ким ҳам шундай бўларди?! Самуд қавми ўзининг куфри ва гуноҳлари туфайли Аллоҳнинг балосига - кучли чақмоққа учраб, ҳалок бўлди. Бу эса, хорлик азобининг чақмоғи эди.

18.    имон келтирган ва тақволи бўлганларга нажот бердик
Олтинхон тўра тафсирида келтирилишича, Ҳуд алайҳиссалом қавмидан тўрт минг киши, Солиҳ алайҳиссалом қавмидан ҳам тўрт минг киши Аллоҳга имон келтириб, У Зотдан қўрқишган ва ўзларига юборилган пайғамбарларга эргашишган. Аллоҳтаоло айтяптики, юборган пайғамбарларимизга имон келтирганларни хорлик азобидан нажот бериб, балодан қутқариб қолдик.
Юқорида ўтган оятларда Од ва Самуд қавмининг туғёнлари туфайли азобга дучор этилишлари қиссаси зикр қилинган бўлса, қуйидаги оятлар охиратда барча кофирларга етадиган азоблар ҳақида сўз юритади.

19. Аллоҳнинг душманлари дўзахга тўпланиб, тизиб қўйиладиган кунда;
Яъни, қиёмат куни Аллоҳнинг душманлари бўлган кофир ва мушрик кимсалар дўзах дарвозалари олдида оловга ташланишдан олдин тўпланиб, қатор тизилган ҳолда илоҳий амрни кутиб туришади. Бир-бирларига етиб олишлари учун аввалгилари тўхтатиб турилади, охиргилари судраб олиб келинади. Уларнинг дунё ҳаётида Аллоҳнинг амру фармонларини инкор қилиб, Унга итоатсизлик кўрсатганлари учун янада хорлаш мақсадида ана шундай муомала қилинади.

20. унга етиб келишгач, қулоқлари, кўзлари ва терилари қилмишлари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради.
Аллоҳнинг душманлари бўлган кофир ва мушриклар дўзах олдига олиб келингач, уларнинг дунё ҳаётида қилган барча амаллари, гуноҳлари ҳақида қулоқлари, кўзлари ва терилари уларнинг ўзларига қарши гувоҳлик беради. Қулоқлари эшитган нарсаларининг гуноҳи учун гувоҳликка ўтса, кўзлари кўрган хато ва жиноятлари учун гувоҳ бўлади. Терилари ҳам эгаларининг қилмишларига гувоҳликка ўтади. Инсон териси ўта сезувчан аъзо бўлгани учун эгаси қадам қўйган гуноҳ ишларни бирма-бир санаб ўтади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда у киши қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот кулдилар, тишлари кўриниб кетди. Сўнгра: “Нимадан кулаётганимни билдингларми?” дедилар. Биз: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни банда Парвардигори билан тортишади.У: “Парвардигорим, мени зулмдан сақламаганмисан?” дейди. Шунда У Зот азза ва жалла: “Сақлаганман”, дейди. Банда: “Мен ўзимга қарши фақат ўзимдан бўлган гувоҳнигина қабул қиламан”, дейди. У Зот азза ва жалла: “Бугунги Кунда зиддингга ўз жонинг етарли ҳисобчидир. Кироман котибин (мукаррам котиблар) гувоҳликка етарлидир”, дейди. Шунда оғзига муҳр урилади. Аъзоларига: “Гапир”, дейилади. Улар унинг амалларини гапи-ришади. Сўнгра унга гапириш имкони берилади. У: “Йўқолинглар, ҳалокатга учранглар! Сизлар учун ҳаракат қилган эдим-ку!” дейди» (Муслим, Насоий, Ибн Абу Ҳотимлар ривояти).

21. Улар териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердингиз?» дейишганида: «Ҳамма нарсани сўзлатган Аллоҳ бизни ҳам сўзлатди. Сизларни илк бор У яратди ва Унгагина қайтарилурсиз», дейишди.
Қиёмат куни Аллоҳга душман бўлган кимсаларнинг тана аъзолари ўзларига душман бўлиб, эгаларига қарши гувоҳликка ўтишади. Қулоқлари, кўзлари ва терилари уларнинг дунёдаги қилмишлари, гуноҳлари ҳақида уларга қарши гувоҳлик беради. Улар бу ҳолдан ҳайратга тушиб, “Нега бизларга қарши гувоҳликка ўтяпсиз?” дейишганида аъзолари: “Ҳамма нарсани сўзлатган Аллоҳ бизларни ҳам сизларга қарши сўзлатиб қўйди”, деб жавоб беришади.
Ҳақиқатан, кофир кимсалар дунёда ўзларича “Аллоҳ бизнинг қилмишларимизни кўриб ўтирибдими, хоҳлаган расволикни қилсак ҳам ҳеч ким кўрмайди-ку!” деган хаёлга боришарди. Улар одамлардан бўлган назоратчилардан, кузатув камераларидан ва бошқа воситалардан ўз қилмишларини яширишардию, аммо Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳар бир қадамини кузатиб турганини билишмасди. Қарашсаки, қиёмат куни тана аъзолари ўзларининг зарарига гувоҳ бўлиб турибди. Айниқса, тилсиз-забонсиз терилари ишни расво қилганча ҳамма нарсани айтиб, шарманда қилиб турибди. Шунда жаҳллари чиқиб, териларидан нима учун ўзларига қарши гувоҳлик берганларини сўрашган эди, улар ҳам гапнинг лўндасини айтиб қўяқолишди: “Сизлар дунёда жонсиз нарсалар гапирмайди, деб ўйлар эдинглар, аммо ҳамма нарсани гапиртира оладиган Аллоҳ жонсиз терини ҳам гапиртириб, уни эгасининг зиддига гувоҳ бўлишга буюрмоқда. Ҳаммангизни аввал бошда Аллоҳнинг Ўзи яратган ва барчаларингиз фақат Унинг ҳузурига қайтариласиз”.

22. Сизлар қулоқларингиз, кўзларингиз ва териларингиз ўзингизга қарши гувоҳлик беришидан яширинувчи эмасдинглар. Лекин сизлар Аллоҳ қилаётган амалларингизнинг кўпини билмайди, деб ўйладинглар;
Инсонлар дунё ҳаётида “ҳеч ким кўрмаяпти-ку” деган хаёлда жуда кўп гуноҳ ишларни бемалол қилишаверади. Уларнинг бу гумонлари хатодир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг яширин ва ошкор барча қилмишларини кўриб-билиб туради. Қолаверса, бандаларнинг ҳар бир амалини ёзиб борувчи карамли котиблар, яъни фаришталар бор. Инсон гуноҳ ишларни қилаётган вақтида “атрофимдаги одамлар гувоҳ бўлиб, кўриб қолмасин” деган хаёлда улардан яширинишадию, аммо бу сирлари Парвардигорларидан пинҳон қолмаслигини эсдан чиқаришади. Инсон ҳар қанча беркитмасин, яширмасин, унинг қулоқлари, кўзлари ва терилари қиёмат куни унинг зиддига гувоҳлик беради. Ваҳоланки, инсонлар дунё ҳаётида тана аъзоларимиз бизга қарши гувоҳлик бермайди, деб ўйлашган эди, қилаётган гуноҳларимизни Аллоҳ кўрмайди, деб гумон қилишган эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзи гувоҳ бўлган бир воқеа хусусида оят нозил бўлганини шундай ривоят қилади: “Мен Каъбага ёпилган мато остига беркиниб олган эдим. Шу пайт уч киши келди. Улардан бири Сақиф қабиласидан, қолган иккитаси унинг қурайшлик куёвлари эди. Улар қорин қўйган семиз кишилар бўлиб, қалблари маърифатдан узоқ экани гап-сўзларидан билиниб турарди. Улардан бири: “Биласизларми, Аллоҳ бизнинг гапларимизни эшитаркан!” деди. Бошқа бири: “Менимча, У овозимизни баландлатсак эшитади, пасайтирсак эшитмайди”, деди. Шунда яна бири: “Овозимизни баланд қилганимизда эшитган Аллоҳ секин гапирганимизда ҳам албатта эшитади”, деди. (Ибн Ҳажарнинг зикр қилишича, қурайшийлардан бири Асвад ибн Яғус, Сақиф қабиласига мансуб киши эса Аҳнас ибн Шарик эди, учинчисининг номи тилга олинмаган. Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг аниқлашича, охирги гапни айтган киши Аҳнас ибн Шарик бўлгани ҳақиқатга яқинроқ, чунки у кўп ўтмай Исломни қабул қилган). Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган воқеани айтиб бердим. Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таоло нозил қилган икки оятни (Фуссилат сурасининг 22,23-оятларини) ўқидилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

23. Парвардигорингиз ҳақидаги ана шу гумонларингиз сизларни ҳалокатга учратди ва зиён кўрувчилардан бўлдинглар.
Яъни, Аллоҳ ҳақида “У бизнинг гуноҳларимизни кўрмайди, эшитмайди” деб қилган гумонларингиз сизларни ҳалокатга дучор қилди. Мана энди зиён кўрувчилардан бўлиб, дўзахга тушиб турибсиз. Ким буюк Парвардигори ҳақида ана шундай гумонларга борадиган бўлса, улар ҳам сизларнинг аҳволингизга тушишади.

24. Агар чидашса, дўзах уларнинг жойидир. Агар ортга қайтишни сўрайдиган бўлишса, ортга қайтарилувчи ҳам бўлишмайди.
Аллоҳтаоло жуда кўп оятлари орқали бандаларини сабрга чақирган ва сабр туфайли нажот топишларини эълон қилган. Аммо кофир кимсаларнинг қиёматдаги ҳолати тамоман бошқача бўлади. Улар сабр қилишса ҳам, қаттиқ азобларга чидашса-чидашмаса ҳам барибир борар жойлари дўзахдан бошқа нарса бўлмайди. Уларнинг абадий давом этадиган азоб-қийноқларга чидашдан ҳам бошқа иложлари йўқ. Азобга сабр қилишса ҳам, чидашса ҳам барибир аҳволлари ўзгариб қолмайди, азобларидан заррача камаймайди. Шунда улар ортга, дунё ҳаётига қайтарилишларини, тавба-тазарру қилиб, Парвардигорларидан гуноҳларига мағфират сўрашни, солиҳ амаллари билан бу азоблардан қутулишни истаб қолишади. Аммо уларнинг бу илтижолари ҳам инобатга олинмайди, ортларига қайтарилмайди. Чунки қиёмат қойим бўлганидан сўнг ҳеч қандай узр, тавба, афвга ўрин қолмайди. Қиёмат итоб (таъзир, танбеҳ) вақти эмас, иқоб (жазо) вақтидир. Одатда итобдан сўнг тавба қилиб, итоб этувчини рози қиладиган ишларга ўтилади, қиёматда эса бундай нарсаларга мутлақо имкон қолмайди.

25. Уларга «улфатлар»ни бириктириб қўйдик, ўшалар уларга олдларидаги ва ортларидаги нарсаларни чиройли кўрсатишди ва уларга ҳам ўзларидан олдин ўтган жин ва инсдан иборат умматлар қатори Сўз ҳақ бўлди. Ҳақиқатан улар зиён кўрувчи бўлишди.
Аллоҳ таоло ушбу ояти орқали кофир ва мушриклар бу дунёда яшаб юрганларида кибру ҳавога бориб, имон келтиришдан бош тортганларининг оқибати нима билан тугашини баён этмоқда. Аллоҳ таоло ўша куфр келтирган кимсаларга дунё ҳаётида инсонлар ва жинлардан бўлган “улфат - дўстлар”ни бириктириб қўяди. Улар ўша кофирнинг ҳар томонидан келиб йўлдан оздиришади: ортларида қилиб ўтган гуноҳ ишларини мақташади, олдиндаги режаларини гуноҳ бўлса ҳам чиройли қилиб кўрсатишади. Хуллас, уни ҳақ йўлдан адаштириб, разолат кўчасига киритиб юборишади. Ҳидоят йўлига юрса, бу йўлнинг машаққатли ва ҳамма нарсадан чеклаши билан қўрқитишади. Залолат йўлига юрса, унинг бу ишини маъқуллаб, чиройли кўрсатишади. Кофир ва осийлар бундан хурсанд бўлиб, янада кўпроқ гуноҳ қилишга ўтишади. Ваҳоланки, Аллоҳнинг азоб ҳақидаги Сўзи олдин ўтган бошқа инсонлар ва жинлар қатори кофирларга ҳам, уларни йўлдан оздирган “улфат”ларга ҳам муқаррар бўлади: улар энг катта зиён кўрувчилардан бўлиб қолишади.
Ана шу “улфатлар” адаштирган кимса нодонлиги учун атрофидаги шайтонсифатларнинг турмуш тарзидан «ибрат» олади, уларга эргашади, яшаш тарзига мослашади. Бир ёқда шайтон васвасаси авжга чиқяпти: ҳақ йўлдан оздирувчи, гуноҳ ишлар, қабиҳлик ва ифлосликлар кўзига жозибали кўрсатиб қўйилган. Атрофидаги ярим яланғоч, шарм-ҳаёсиз аёллар кўзини ўйнатади, хаёлини олиб қочади. Миясига турли ифлос режалар уя қура бошлайди. Бадани ишрат ва фаҳшнинг «ҳузурбахш» лаззатларини қўмсайди. Яна бир ёнда ичкилик ичиб, тамаки ёки бангивор модда чекиб «мазза» қилаётганлар сафига чорлайди. Ана шу қабиҳ ва гуноҳ ишлар унга ғоят чиройли кўринади. Назарида бошқалар ҳузур қилиб, у ҳаммасидан қуруқ қолаётгандай бўлади. Қандай қилиб ана шу разолат домига кириб кетганини ҳам билолмай қолади. Шундай йўлга кириб кетган кимсага Аллоҳ таолога итоат ва ибодат қилиш, Унинг амр-фармонларини бажариш, қайтарган нарсаларини тарк этиш унга тоғни жойидан кўчиришдан ҳам машаққатли ишга айланган. Охират ҳақида ўйлаш умуман хаёлининг кўчасига келмайди, келса ҳам хаёлларини нари қувади. Аксинча жилвакор дунёнинг журму исёнлари уни гирдобига ғарқ қилган. Шайтони лаъин икки бурнидан сим ўтказиб жиловлаб олган. Илм олиш, ибодат қилиш, солиҳ амалларни бажариш ва шу йўл билан Аллоҳ розилигини топиш учун яратилган инсон имтиҳон дунёсини нафсини хурсанд қилиш, ҳайвоний истакларию шаҳвоний майлларини қондириш, ҳавойи орзуларига эришиш йўлида қурбон қилиб бўлган. Бу йўлда у ҳеч қандай жиноятдан, ёвузликдан қайтмайди. Инсофу диёнат, ҳалоллик-поклик каби тушунчалардан узоқлашган. Энди у ҳаётининг мазмунини лаззатларга кўпроқ ғарқ бўлишда, ҳамма-дан кўпроқ ейиш-кийишда, ҳаммадан тўкинроқ ва фаровонроқ яшашда деб тушунади. Оқибатда эса дўзахдаги мангу азоб сари йўл олганини сезмай ҳам қолади.

26. Куфр келтирганлар: «Бу Куръонга қулоқ солманглар, унга халақит беринглар, шояд, ғолиб бўлсанглар», дейишди.
Оламлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло томонидан ўзларига ваҳийлар нозил қилинганда уларни одамларга қироат қилиб, эшиттира бошладилар. Шунда Макка кофирлари Пайғамбар алайҳиссалом қаерда Қуръондан қироат қилмоқчи бўлсалар, бир-бирларига юқоридаги гапларни айтишарди. Улар Қуръон тиловат қилинаётган жойга келиб, баланд овозда гаплашишар, қаттиқ овозда кулишар, натижада уни тинглаётган мусулмонларнинг фикрини чалғитиб, оятлар маъноси ҳақида тафаккур қилишларига халақит беришарди. Халақит беришнинг усуллари ҳам кўп эди. Масалан, Ислом душмани Абу Жаҳл: «Муҳаммад қироат қилган вақтда унинг юзига деяётгани билинмасин», деган. Баъзилари қироат пайтида ҳуштак ёки қарсак чалган. Баъзилари ўзларича шеър ва балоғатли сўзларни айтиб, кишиларни Қуръондан чалғитишга интилган. Молик ибн Назрга ўхшаганлар қадимги форс саркардалари Исфандиёр ва Рус-тамнинг қиссаларини айтишган.
Олдинги кофир ва мушриклар ўз воқеъликларидан келиб чиқиб, Қуръонга шу тариқа халақит беришга уринганлар. Кейинги мушрик ва кофирлар ҳам ўз воқеъликлари даражасида Қуръонга халақит беришга уриниб келишди ва ҳанузгача уринишмоқда. Улар ўзларича шу йўл билан Исломнинг зафарли юришини тўхтатиб қолишга, мусулмонларни ҳақ йўлдан тўсишга, улар устидан ғолибликка уринишарди. Аммо ҳақиқатда кофирлар эмас, доимо Қуръон ғолиб бўлиб келмоқда. Чунки Қуръон ҳақ, куфр ботилдир. Ҳақ доимо ботил устидан ғолиб бўлади. Қуръонга қарши чиққан кофирларга Аллоҳ таоло тайёрлаб қўйган азоблар бор. Куфр эгалари бу аҳмоқликлари билан Аллоҳнинг Сўзини ўчирмоқчи бўлишарди. Аммо бунинг асло иложи йўқлиги, ҳозиргача ҳеч ким илоҳий Сўзни тўсишга, уни тўхтатиб қолишга қодир бўлмагани уларнинг эсига ҳам келмайди.

27. Куфр келтирганларга албатта қаттиқ азобни тоттирамиз ва уларга қилмишлари учун энг ёмон жазони берамиз.
Куфр келтирганлар ўзларича Аллоҳнинг азобидан омонда қоламиз, деб хомтамалик қилишмасин. Улар Аллоҳга имонсизликлари, Унинг ваҳийларини ёйишга халақит берганлари, дунё ҳаётида гуноҳ ишларни тап тортмай қилганлари учун албатта қиёматда жуда қаттиқ азобга йўлиқадилар. Уларнинг гуноҳлари, ёмон амаллари асло жазосиз қолмайди. Уларга ўзлари ҳатто тасаввур ҳам қилолмайдиган энг оғир жазо берилади, дўзах қаърида инсон чидай олмайдиган азоб-қийноқлар ичра абадий қолишади.

28. Бу Аллоҳ душманларининг жазоси бўлмиш дўзахдир. Улар оятларимизни инкор қилганлари сабабли ўша жойда мангу қолишади.
Куфр эгаларига бериладиган жазо дўзахийлар абадий қийноқ ичра бўладиган жаҳаннамдир. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга душман саналмиш кофирларнинг охиратдаги жазоси албатта дўзах бўлади ва улар ўша ерда абадий қолишади. Бу даҳшатли азоб ва жазо уларнинг Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиб, уларга куфр келтиришгани, оятларни тиловат қилиб бераётган Пайғамбар алайҳиссаломга халақит бериб, у зотни мазах қилишгани, Аллоҳнинг сўзига нисбатан нописандликлари учундир. Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилувчилар У Зотнинг раҳмати ва мағфиратидан асло умид қилмасликлари лозим. Чунки Аллоҳнинг марҳамати ва мағфирати Аллоҳнинг ваҳийларига имон келтирган, У Зотдан қўрқадиган, Унинг амр-фармонларига сўзсиз итоат қи-лувчи тақволи зотлар учундир.

29. Куфр келтирганлар: «Парвардигоро, бизларни адаштирган жин ва инсдан бўлганларни бизларга кўрсатгин, уларни оёқларимиз остига олайлик, токи улар энг тубанлардан бўлсинлар», дейишди.
Кофир кимсаларнинг ақли дўзах азобига дучор бўлганларидан кейингина киради. Шундан кейин ўзларининг дўзахийликларига сабабчи бўлган ҳамтовоқларини ахтара бошлайдилар, улардан ўч олмоқчи бўладилар. Куфр келтирган кимсалар дўзахда туришганида Аллоҳга ёлбориб, ўзларини адаштирган жин ва инсонлардан бўлган икки кимсани кўрсатишни, уларни оёқ остига олиб хорлашларига изн беришни сўрашади.
Муфассирлар “йўлдан адаштирувчи жин ва инсдан бўлганлар”ни Иблис билан ўз укасини ноҳақ ўлдирган Қобил деб тафсир қилишган. Яъни, жинлардан бўлган йўлдан оздирувчиларнинг бошлиғи Иблисдир, у ҳаммадан олдин Парвардигорига кофир бўлган. “Иблис” сўзи “абласа” сўзидан таркиб топган бўлиб, “но-умид” деган маънони билдиради. Иблис шайтонларнинг барига берилган умумий номдир, чунки шайтонлар Аллоҳнинг раҳматидан ноумиддирлар. Ибн Аббос ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум “иблис фаришталардандир, Аллоҳнинг “У жинлардан эди” (Каҳф, 50) деган иборасининг маъноси Иблис жинларга айланиб қолганлардан эди, деганидир”, дейишган. Товус эса “Иблис осий бўлишидан олдин фаришталардан эди, унинг исми Азозил бўлган, у фаришталарнинг энг мужтаҳиди ва билимдони бўлган, шунинг учун кибру ҳавога берилиб кетган”, деб Ибн Аббосдан ривоят қилади. Ҳасан билан Қатода эса: “Иблис фаришталардан эмас, жинлардан бўлган, чунки фаришталар нурдан, Иблис эса оловдан яратилган. Бундан ташқари, Иблис Аллоҳга осий бўлди ва кибрга борди, фаришталар эса Аллоҳга итоатсизлик қилмайдилар, Унинг амрларини сўзсиз бажарадилар, Унга ибодат қилишда кибрланмайдилар”, дейишади. "Инсонлардан йўлдан адаштирувчиларнинг бошлиғи эса ҳазрати Одамнинг катта ўғли Қобил бўлди. Қалбини ҳасад ўраб олган, меҳр-оқибат, раҳм-шафқат каби туйғулардан маҳрум Қобил укаси Ҳобилни ноҳақ ўлдирган ва дунё-да биринчи қотилликка қўл урган. Шундан кейинги дунёда рўй берадиган ноҳақ қотилликларнинг бир ҳисса гуноҳи Қобилнинг зиммасига ёзиладиган бўлди.

30. «Парвардигоримиз - Аллоҳдир» деган, сўнгра истиқоматда бўлганлар ҳузурига фаришталар тушиб айтишади: «Қўрқманглар ва ғамгин ҳам бўлманглар, сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан хурсанд бўлинглар;
Ушбу ояти каримадаги урфда «яшаш, макон тутиш» маъноларида ишлатиладиган “истиқомат” сўзнинг асл маъноси «ҳар ишда тўғри бўлиш, адолат ва тўғрилиқцан айрилмай, дин ва ақл чегарасида юриш, Исломда ва унинг қонунларига бўйсуниб яшаш»дир. Истиқоматнинг акси хиёнатдир. «Истиқомат» иборасини ғайри-муслим, ғайридин кимсаларга нисбатан қўллаб бўлмайди.
Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу айтади: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Исломда шундай бир гап айтингки, уни сиздан сўнг ҳеч кимдан сўрамайин”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга имон келтирдим” дегин, сўнгра истиқоматда бўлгин”, дедилар” (Муслим ривояти). Орифлардан бири “Истиқомат икки нарсадан: имон тўғрилиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсага зоҳирда ҳам, ботинда ҳам эргашишдан иборат”, деган. “Парвардигоримиз - Аллоҳдир!” дейдиган, ўзлари истиқоматда бўлган мўминларнинг устларидан қиёмат куни фаришталар келиб, “Қўрқманглар ҳам, ғамга ҳам ботманглар, сизларга ваъда қилинган жаннат қаршингизда турибди, энди бундан хурсанд бўлаверинглар” дейишади. Бу гўзал фаришталар мўминларнинг дўстларидир. Улар ҳамиша яхшиликка, эзгуликка шижоатлантириб туришади, ёмонлик ва гуноҳлардан огоҳлантиришади. Мўминлар Аллоҳга тоат-ибодатда туришганида фаришталар уларнинг тепаларида истиғфор айтиб туришади, одамларга яхшиликни насиҳат қилаётган чоғларида эса устларида салавот-саломлар айтишади.
Ато улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Бу оят Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. Мушриклар: “Парвардигоримиз Аллоҳдир, фаришталар унинг қизларидир, анави (бутларимиз) Аллоҳнинг ҳузурида бизнинг шафоатчиларимиздир” деб, тўғри йўлда бўлишмади. Яҳудийлар ҳам: “Аллоҳ Парвардигоримиздир. Узайр унинг ўғлидир, Муҳаммад пайғамбар эмасдир” деб, улар ҳам тўғри йўлда бўлишмади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса: “Парвардигоримиз Аллоҳдир, У ягонадир, Унинг шериги йўқдир ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг бандаси ва элчисидир” деб, тўғри йўлда - истиқоматда бўлди.

31. дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам бизлар сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизларга унда кўнглингиз тилаган нарсалар бордир ва сизларга унда истаган нарсаларингиз муҳайёдир.
Ягона Аллоҳга имон келтирган ва истиқоматда бўлган саодатманд инсонларга фаришталар тушиб келиб, яна: “Бизлар дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам сизларга дўстдирмиз. Сизлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатда кўнглингиз тусаган нарсалар шай қилиб қўйилган ва унда истаган нарсангиз шу заҳоти муҳайё қилинади” деган хушхабарни етказишади. Чунки бу инсонлар дунё ҳаётида “Парвардигоримиз - Аллоҳдир!” деб қатъий имон келтиришган ва истиқоматда бўлишган эди.
Анас ибн Молик айтади: “Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам “Парвардигоримиз - Аллоҳ” деб, сўнгра истиҳоматда бўлганзотлар...” оятини ўқиб, шундай дедилар: “Одамлар бу гапни (“Парвардигоримиз Аллоҳдир”ни) айтадилар ва кўплар бунга кофир бўладилар. Ким ушбу гапга риоя қилиб ўтса, ана ўша истиқомат қилганлардандир” (Термизий ривояти). Абу Бакр розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: “сўнгра истикрматда бўлган зотлар”дан мурод “Аллоҳга ҳеч бир нарсани шерик қилмаганлар”дир.

32. (бу) мағфиратли, раҳмли Зотдан зиёфатдир».
Қуръони каримнинг ушбу оятларида мўмин инсонларнинг васфлари келтирилмоқда. Уларнинг бахти шундаки, қиёмат куни оқибатларидан қўрқишмайди, ғамга ҳам тушишмайди. Чунки улар “Парвардигоримиз ягона Аллоҳдир!” деган қатъий сўзнинг руҳи билан ҳаёт кечиришди, ҳамиша тўғри, истиқоматда бўлишди, ягона Аллоҳга ҳеч бир нарсани шерик қилишмади. Қалблари имон нури билан мунаввар эди, ўзларининг қиёматдаги ҳоллари ҳақида ишончлари бор эди. Шунинг учун ҳам уларга дўст бўлган Аллоҳнинг фаришталари ана шундай бахтиёр инсонларга тасалли ва таскин бериб, шундай дейишади: “Қиёматда, охиратда ҳолимиз не кечар экан, деб қўрқманглар, кўнглингизга ҳеч қандай хавф ва ғам келмасин. Қилиб ўтган ишларимиз натижаси қандай бўлар экан, деб хафа ҳам бўлманглар. Сизлар учун келажакда ҳеч қандай хавф-хатар йўқ, қилган ишларингизнинг натижаси ҳам яхши, чунки сизлар «Парвардигоримиз - Аллоҳ» дедингиз ва ўша сўзнинг тақозосига кўра мустақим туриб, умр кечирдингиз. «Парвардигоримиз - Аллоҳ» деб мустақим турганларга жаннат ваъда қилинган эди. Сизлар ўша шартни кўнгилдагидай амалга оширдингиз. Энди ўша ваъда қилинган жаннат сизга албатта берилади, бу хушхабарни қабул қилинг. Мана шу жаннат ва ундаги беҳисоб турфа неъматлар мағфиратли ва раҳмли Аллоҳ таолонинг сизларга атаган зиёфатидир”.

33. Аллоҳга даъват қилган, ўзи ҳам яхши амал қилиб: «Шубҳасиз, мен мусулмонларданман!» деган кишидан ҳам гўзал сўзловчи борми?
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада нафсини ислоҳ қилиб, одамларни Аллоҳнинг тоатига чақирувчи, ўзига ва бошқаларга манфаат етказувчи ҳақиқий мўмин кишининг сифатларини келтирмоқда. Бундай инсонлар ўзлари ҳам яхши амалларни қилганлари, ёмонларини тарк этганлари ҳолда бошқаларни ҳам Аллоҳнинг тоатига ундашади. Бу васф яхшиликка чорловчи ҳар бир кишига тегишлидир. Баъзи ривоятларда: “Ушбу мақталганлар солиҳ муаззинлардир”, дейилган. Оиша розияллоҳу анҳо ушбу ояттафсирида “У муаззиндир, агар “Ҳаййа алас-солаҳ” деса, Аллоҳнинг динига даъват қилган бўлади”, деганлар. Шунингдек, Ибн Умар ва Икрима розияллоҳу анҳумо ҳам ушбу оят муаззинлар ҳақида нозил бўлганини айтишган.
Абу Умома розияллоҳу анҳу “яхши амал қилса” жумласини “азон ва иқомат орасида икки ракат намоз ўқиса” деб тафсир қилган. Аллома Ибни Касирнинг фикрича, мазкур оят ҳам муаззинлар, ҳам солиҳ бандалар хусусида нозил бўлган. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтади: “Агар бу водийда туриб азон айтсанг, овозингни баланд қил, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Муаззиннинг кенг овозини эшитган дарахтлар, харсанглар, майда тошлар, инсонлар ва жинлар қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида унинг учун гувоҳлик беришади” деганларини эшитганман.

34. Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмайди. (Ёмонликни) яхши нарса билан даф қилинг. Шунда сиз билан адоватда бўлган кимса худди қадрдон дўстдек бўлиб қолади.
Аллоҳ таоло айтяптики, яхшилик билан ёмонлик асло тенг, баробар бўлмайди. Шунинг учун бировдан ёмонлик кўрсангиз, уни яхшилик билан даф қилинг. Шунда сизга душманлик кайфиятида бўлган ғаразли кимса ҳам қилган яхшилигингиздан хижолат бўлиб, қадрдон дўстга айланади.
Ўзгаларга яхшилик қилиш мўминнинг энг афзал хислатидир, Аллоҳ розилигини топишининг осон йўлидир. Яхшилик Аллоҳнинг бандага раҳматидир. Яхшилик қилганларни Аллоҳ таолонинг ўзи мукофотлайди. Унинг ваъдасига кўра яхшилик қилувчи мўминлар жаннат неъматлари ичрадирлар. Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Одамларга озор етказмаслик ҳам - яхшилик, етим-мискинларни тўйдириш ҳам-яхшилик,бировга чиройли муомала қилиш ҳам - яхшилик, йўлдаги халал берувчи нарсани олиб ташлаш ҳам - яхшилик. Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин, агар у биродарингга очиқ юз билан қараш бўлса ҳам», деганлар (Муслим ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда «Ҳар бир яхшилик садақадир», дейилган (Бухорий ривояти). Донишмандлардан бири айтади: «Яхшилик мол ва фарзандларнинг кўплигида эмас, яхшилик кенг феълли, ахлоқли бўлиш, илм олиш ва Аллоҳга ибодатда бошқаларга ўрнак бўлишдир». Муҳаммад Зеҳний айтади: «Одамларнингяхшироғи ўз қалбида яхшиликка йўл очгани ва ёмонликни, очкўзликни ҳайдаб чиқарганидир». Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деганлар: «Яхшилик ҳақида ўйлаш ўша яхшиликни қилишга ундайди, ёмонликка надомат эса ўша ёмонликни тарк этишга чақиради».

35. Унга фақат сабрлилар эришадилар, унга фақат улуғ насиба эгалари эришадилар.
Ҳар қандай ёмонликни яхшилик билан қайтариш, ҳар қандай ёмон сўзга қарши яхши сўз айтиш мўминларнинг энг яхши фазилатларидандир. Бундай сифатга фақат ўзига етган озор ва мусбатларга чиройли сабр қилган кишиларгина эришадилар. Бу эса уларнинг охиратда улуғ насиба эгаси бўлишларига далолатдир.
Инсон сабр қилмайдиган бўлса, ўзига етган озорга дарҳол жавоб қайтаргиси келади. Бир киши унга ёмон сўз айтса, бундан ҳам ёмонроғи билан жавоб қайтаргиси келади. Биров ёмонлик қилгудай бўлса, уни кечириш ўрнига ундан ҳам каттароқ ёмонлик билан жавоб қилмоқчи бўлади. Аллоҳнинг йўлига чорловчи киши учун ёмон ишга яхшилик билан жавоб қайтариш энг муҳим ишлардандир. Шунинг учун Аллоҳнинг йўлига чорловчи одам атрофдаги кишилардан турли-туман маломат, иғво, бўҳтон, ёлғон гаплар, сўкишлар, озорлар эшитади, турли ноҳақ тасарруфлар ва зулмлар кўради. У мана шуларнинг ҳаммасига сабр қилиши лозим. Ана шундагина юқорида айтилган даражага эришади.

36. Агар сизларни шайтон томонидан васваса тутса, унда Аллоҳдан паноҳ сўранглар. Зеро, У эшитувчидир, билувчидир.
“Шайтон ҳамиша ҳамроҳ” деганларидай, лаънати шайтон инсонни ҳамиша васвасага солиб, уни тўғри йўлдан адаштирмоқчи бўлади. Агар у инсонни ёмонликни яхшилик билан қайтаришдан айнитмоқчи бўлса, инсон Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўрасин, Унга сиғинсин. Лаънати шайтоннинг васвасасидан Аллоҳнинг Ўзи сақлайди. Чунки У ҳамма нарсани эшитади ва билиб туради. У ҳар бир илтижо қилувчининг илтимосини эшитади, шайтоннинг бутун макру ҳийлаларини билиб туради.
Замонамизнинг тариқат шайхларидан доктор Абдулҳайнинг ҳузурига бир киши келиб: “Мен жуда ёмон тушкунликка тушиб қолдим. Қачон бошимни саждага қўйсам, миямга шаҳвоний ва нафсоний хаёллар ҳужум қилмоқда. “Қилган саждам нима бўлар экан?” деган фикрга боряпман. Бундан қандай қутулишим мумкин?” деди. Абдулҳай раҳимаҳуллоҳ: ”Сен бу саждангни қандай деб ўйламоқдасан?” деди. У киши: ”Менинг қилган саждам шаҳвоний хаёллар туфайли нопок сажда бўлса керак”, деди. Шунда доктор Абдулҳай: ”Аллоҳ таоло улуғ ва пок зот. Унинг учун аъло даражадаги сажда қилиниши керак бўлса, нопок саждангни мен учун қилган бўлармидинг?” деди. Шунда у киши тавба қилиб, “Мен ҳаргиз сиз учун сажда қилмайман”, деди. Шайх: "Шундай экан, сен қилаётган сажда Аллоҳ таоло учун қилинаётган экан, ундаги беихтиёр шаҳвоний ва нафсоний хаёлларга парво қилмагин. Сен бу қилинаётган сажда Аллоҳ таоло учун қилинаётганига қарагин”, деди.

37. Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг аломатларидандир. Агар ибодат қилувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, уларни яратган Аллоҳга сажда қилинглар.
Суранинг ушбу ва кейинги оятлари Қуръони каримнинг сажда оятларидандир. Уни тиловат қилган ёки эшитган кишининг сажда қилиши вожибдир.
Ояти каримада Аллоҳ таоло айтяптики, эй инсонлар, сизлар ҳар куни кўриб турган кеча-кундузнинг алмашинуви, қуёш ва ойнинг чиқиб-ботиши ҳам Аллоҳ таолонинг яратувчилик қудратига дало-лат қилувчи белги-аломатларидандир. Бандаларининг ибодатига муносиб ягона зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шундай экан, сизлар кеча ва кундуз, қуёш ва ой каби Парвардигорингиз яратган нарсаларга сажда қилишдан четланинглар, балки Унинг Ўзига сажда қилинглар. Ҳолбуки Ер юзида айрим тоифалар қуёш билан ой ҳақида нотўғри тасаввурга бориб, илоҳ деб ўйлаганларидан уларга сажда қилиб юришибди. Баъзилари эса Аллоҳяратган ҳайвонлар ва жисмларга сиғинишади.
Сажда Аллоҳга итоат ва ибодатнинг олий чўққисидир. Мўмин киши фақат ўзини яратган улуғ Зотга сажда қилади. Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек, сажда банданинг Аллоҳга энг яқинлашган пайтидир. Банда пешонасини ерга қўйиб, ўзининг қуллигини, ожизлигини эътироф этади ва Молики мутлақ Парвардигорини улуғлаб, “Субҳана Роббиял-аъла” деб тасбеҳ айтади. Ердаги энг майда жониворлардан тортиб самовий оламлардаги нуроний зотлар, яъни фаришталар ҳам Аллоҳга сажда қилишади. Парвардигорнинг дунё ҳаётига юборган элчилари - пайғамбар алайҳимуссаломлар ҳам кўз қувончларини Аллоҳ таолога саждадек буюк ибодатда, деб билишган. Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам узун тунларни намозда қоим бўлиш, Аллоҳга илтижо ва муножотлар билан саждада ўтказар эдилар.
Аллоҳ таоло биз - мўминларга ушбу гўзал ибодатни дунё ва охиратда нажот топиш учун бир сабаб қилди. Тафсир китобларида бунга оид мисоллар кўп, сажданинг лаззатини тотган солиҳ инсонлар ҳаётидан ривоятлар бундан-да бисёр: “Унайс ибн Ақабий саждада шу қадар узоқ қолиб кетардики, ҳатто узоқ вақт девор каби ҳаракатсиз қотиб қолганидан чумчуқлар унинг елкасига келиб қўнишарди” (“Зуҳд китоби”). Абу Бакр Иёш айтади: “Ҳубайб ибн Абу Собитнинг саждада турганини кўрдим, узоқ қолиб кетганидан вафот этиб қолди шекилли, деб ўйладим”. Ибн Ваҳб эса шундай дейди: “Суфён Саврийни Масжидул-Ҳаромда шом намозидан сўнг кўрдим. У нафл намоз ўқий бошлади ва саждага борди. Шу саждада қолганича хуфтон намозига азон айтилганида саждадан бош кўтарди”. Бу фоний оламдаги сажда ибодати боқий оламдаги бахтли ҳаётга етишиш учун бир василадир. Бу хокисорлик бўлиб кўринган амал бандаларни Аллоҳ таоло ҳузурида азизликка, олий мартабага кўтаргусидир, иншааллоҳ.

38. Агар кибрлансалар, Парвардигорингиз ҳузуридагилар малолланмай Унга кечасию кундузи тасбеҳ айтишади.
Агар ўша кофир ва мушриклар кибрга бориб, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига сажда қилишдан бош тортишса, ўзларига ёмон бўлади: дунё ва охиратда энг катта зиёнга учрашади. Чунки Аллоҳ таолога уларнинг саждаси керак эмас. У Зотнинг ҳузурида фаришталар борки, улар ўта пок, олий мартабали зотлардир. Улар асло малолланмай, Парвардигорларига кечасию кундузи тинмай тасбеҳ айтишади, сажда қилишади, ҳамиша тоат-ибодатда бўлишади. Улар кибрга бормай итоатнинг олий намунасини кўрсатишади, қанча ибодат қилишса, шунча хурсанд бўлишади. Кофир ва мушрикларга ўхшаб, ўз Парвардигорига ибодат қилишни малол кўришмайди, кибрга бо-риб, осийлик ҳам қилишмайди.

39. Яна ерни қақраган ҳолда кўришингиз Унинг аломатларидандир. Биз қачон унинг устидан сув туширсак, у жонланади ва кўпчийди. Уни тирилтирган Зот ўликларни ҳам албатта тирилтирувчидир. У ҳамма нарсага қодирдир.
Ерни сувсизликдан қақраб ётган ҳолда кўриш ҳам Аллоҳ таолонинг чексиз яратувчилик қудратига далолат қилувчи аломатлардандир. Ўзингиз ўйлаб кўринг: чўлу саҳроларга ёғин ёғмагани учун ер ҳамиша қақраб ётади, бирорта экин унмайди. Аллоҳ таоло осмондан ёмғир-қор ёғдирсагина ўша қақроқ ер бирдан тирилиб-жонланиб кетади,унумдор бўлиб кўпчийди. Экинлар барқуриб яшнаб, гўзал манзарага айланади. Худди шу каби инсон қалбига ҳам илоҳий ваҳий етиб бормаса, қақроқ ер каби унда ҳам ҳеч нарса битмайди, фойдасиз нарсага айланади. Ёвузлик, имонсизлик инсон қалбини тош каби қотириб ташлайди, унга даъват сўзлари етиб бормайди. Ёғин ўлик ерларни тирилтиргани каби Аллоҳнинг Сўзигина ўлик қалбларни жонлантиради, уларга ҳаёт бағишлайди. Ўлик ерларни тирилтира олган Зот инсонларни ҳам ўлганларидан кейин тирилтиришга қодир. У қиёмат куни ўлганларни қайта тирил-тириб, ҳисоб-китоб қилишга, амалларига кўра мукофотлашга ёки жазолашга ҳам қодирдир. Аммо кўпчилик одамлар бу аломатлар-дан ибрат олишмайди,У Зотга имон келтиришмайди. Балки Аллоҳнинг оятларини эгри йўлларга буришади, уларга эътироз билдириб, ёлғонга чиқаришади. Оятларига куфр келтириб, икки дунёларини бой беришади.

40. Оятларимиз ҳақида эгри кетадиганлар албатта Биздан махфий эмаслар. Дўзахга ташланадиган одам яхшими ёки қиёмат куни омонда қоладиган одамми?! Нимани хоҳласангиз, қилаверинглар, У нима қилаётганингизни албатта кўриб турувчидир.
Ушбу ояти карима Қуръони каримнинг мўъжизаларидандир, у Аллоҳнинг ягоналиги ва чексиз қудратига далолат қилувчи аломатларига нисбатан эгри кетадиганлар, қалбида эгрилиги бўлган кимсаларнинг ҳолатини баён қилади. Бундайларнинг кимлигини ҳам, Аллоҳнинг оятларига нисбатан қилган эгриликлари, кофирлик ва нобакорликларини ҳам, ҳамма-ҳаммасини Аллоҳ яхши кўриб-билиб туради. Шунинг учун бундай кимсаларнинг барча амаллари ҳи-соб-китоб қилингач, ўзлари дўзахга ташланадилар.
Демак, Аллоҳнинг оятлари ҳақида эгри кетадиганлар қиёмат куни дўзахга, тўғри туриб, уларга имон келтирган, ҳаётини илоҳий ваҳийлар асосига қурган мўминлар жаннатга кирадилар. Аллоҳ таоло булардан қайси бири яхшилиги ҳақида хитоб қилмоқда: хўш, улардан қайси бири яхши: ваҳийларга куфр келтириб дўзахга ташланадиганми ёки имони сабабли қиёмат куни омонда қоладиган кишими? Аллоҳ таоло яна бандаларига хитоб қилиб айтяптики, хоҳланг - куфр йўлини танлаб, ўзингизга дўзахдан жой танлайверинг, хоҳланг - ваҳийларимизга имон келтириб, икки дунё саодатини қўлга киритинг, мукофотимизга сазовор бўлинг. Нима қилсангиз ҳам, қайси йўлни танласангиз ҳам Аллоҳ ҳаммасини кўриб турувчидир ва қилган амалингизга кўра ҳисоб-китоб қилувчидир.

41. Улар ўзларига Зикр келганида унга куфр келтирганлардир. Шубҳасиз, у азиз Китобдир.
Зикр - Қуръони каримнинг номларидан бири, зикр “эслатма” маъносини билдиради. Кофир ва мушрик кимсалар Аллоҳ таолонинг ваҳийларини инкор қилиб, уларга куфр келтиришди. Ваҳоланки, Пайғамбар алайҳиссалом уларга Қуръонда зикр қилинган аломат-далилларни етказиб, ваҳийларнинг мўъжизасини кўрсатиб берганларига қарамай, улар ўзларича ғурурга бориб, кибрга кетиб оятларни инкор қилишди, Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашишмади. Бу уларнинг энг катта хатоси эди, икки дунё саодатидан маҳрум этган жоҳиллиги эди. Ҳолбуки, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг азиз китобидир, инсонларга дунё ҳаётида бахтли ва муносиб яшаш учун муҳим дастурил амалдир. Қуръонда тавҳид ҳақиқатининг ва ҳақиқий билимнинг кучи, онг ва ақлнинг кучи, Аллоҳнинг буюклиги ва Пайғамбарининг гўзал шахсияти кучи мужассамдир. Қуръони карим кофир ва мушрик кимсалар ўйлаганидай Пайғамбар томонидан тўқилган нарса эмас, ҳукми қиёматгача боқий қоладиган илоҳий дастурдир, Аллоҳнинг қудрати ва ҳикматига далолат қилувчи ваҳийлардир.

42. Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмайди. У ҳикматли, мақталган Зот томонидан нозил қилингандир.
Қуръони карим Аллоҳнинг Зикри ва Сўзи бўлгани учун ҳам унинг ҳукми барчага мажбурийдир. Унга куфр келтирганлар дунё ва охиратда ҳам мағлуб, кучсиз тубан ва хордирлар. Қуръони карим шундайин азиз ва мўъжиз Каломки, унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил яқинлаша олмайди, яъни ҳозиргача ботил яқинлаша олмаган, қиёматгача ҳам абадул-абад ботил яқин кела олмайди. У соф ва соғлом ҳолида, бирор ҳарфи ёки ҳукми ўзгармаган илоҳий мўъжиза бўлиб қолаверади. Бу башорат ҳам Қуръоннинг илоҳий Китоб эканига ёрқин далилдир. Мана, асрлар ўтибдики, унинг бирор ҳарфи ўзгаргани, унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келгани йўқ ва шундай давом этажак, иншааллоҳ. Қуръони карим буюк ҳикмат эгаси бўлган ягона Аллоҳ таолонинг бутун инсониятга нозил қилган Китобидир. Шунинг учун у ҳикматга тўла, унинг оятлари ҳам ҳикматли, кўрсатмаларию амрлари ҳам ҳикматли, қонун-қоидала-рию таълимотлари ҳам бари ҳикматлидир. Қуръон мақталган Зот -Аллоҳ таоло томонидан нозил қилингани учун унда Аллоҳнинг ҳамди - мақтови кўп такрорланади.

43. (Эй Муҳаммад), сизга олдинги пайгамбарларга айтилган сўзгина айтилмоқда. Шубҳасиз, Парвардигорингиз мағфират ва аламли азоб эгасидир.
Аллоҳтаоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига хитоб қиляптики, сиздан олдинги пайғамбарларга ҳам саҳифа ва китоблар юборганмиз. Сизга нозил қилинган Қуръони карим ўтган пайғамбарларга келган ваҳийга ўхшашдир. Бу бежизга эмас. Инсоният яралганидан буён улар ягона бир таълимотга, тавҳид динига чорлаб келинган. Чунки Илоҳ бир, ваҳий бир, ақида бир, пайғамбарлик бир, шунингдек, одамларнинг уларга муносабатлари ҳам бир хилдир. Аммо баъзи инсонлар ана шу ваҳийларга имон келтириб, уларга биноан амаллар қилишса, бошқалари ваҳийларимизга куфр келтириб, осий бўлишади. Парвардигорингиз бандаларига ўта меҳрибон ва раҳмли бўлгани учун уларнинг катта-кичик гуноҳларини кечиради. Айни пайтда Унинг иқоби ва итоби қаттиқ бўлгани учун ваҳийларига куфр келтирганларни, Ўзига итоатсизлик кўрсатганларни кечирмайди, уларга аламли азобини тайёрлаб ҳам кўйган. Аллоҳ томонга йўл олганларни, тавба қилганларни, Унинг Ўзига қайтганларни, Унга батамом қайтганларни, ўзини ислоҳ қилганларни, истиғфор айтганларнинг гуноҳини Аллоҳ албатта кечиради. Аммо инсон кофирликдан қайтмаса, маъсият устида маҳкам туришни ният қилиб, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи раҳмли деб айтса, у жоҳил ва аҳмоқ кимсадир.

44. Агар Биз Қуръонни ажам тилида қилганимизда албатта: «Унинг оятлари муфассал баён қилинмабди-да! Арабга ажамийчами?!» деган бўлишарди. Сиз: «У имон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир. Имон келтирмайдиганларнинг қулоқларида оғирлик-карлик бордир. У улар учун кўрликдир. Улар узоқ бир жойдан чақирилаётганлардир», деб айтинг.
Макка мушрикларининг қалбларини моғор босгани, ақллари ҳақни қабул қилмагани учун илоҳий Китоб бўлмиш Қуръони карим ўз тилларида нозил қилинганида бунга ҳам дарров эътироз билдиришга ўтишади. Бир-бирларига Қуръонни эшитмаслик, унинг оятларини қироат қилиб бераётган Пайғамбарга ҳар томондан халақит бериш учун бор кучлари билан киришиб кетишади. Улар ҳатто “Қуръондаги оятлар батафсил баён қилиб берилмабди, шунинг учун ўрганиш қийин бўлади” деган иддаога боришади. Аллоҳтаоло Ўз Расулига хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбарим, улар ҳеч қачон сизнинг таклифларингизга рози бўлишмайди. Агар уларнинг талабига кўра ушбу Қуръонни араб тилидан бошқа бир луғатда, ажамларнинг тилида нозил қилганимизда ҳам рози бўлишмайди, балки, “Араблардан чиққан Пайғамбарга ажам тилида туширилдими?” деб эътироз билдиришади. Сиз уларга шуни етказингки, Қуръон имон келтирганлар учун ҳидоят йўлбошчиси, руҳий-маънавий, жисмоний, иқтисодий, ижтимоий хасталикларга шифодир. Қуръон фақат имон келтирган мўминларгагина шифо бўлади. Имон келтирмайдиганлар эса сизнинг даъватларингизга ҳамиша қарши чиқишаверади, чунки уларнинг қулоқларида ҳақиқатни эшитишдан тўсадиган оғирлик - карлик бор. Қуръон улар учун гўёки қалбларининг кўрлигини фош қилиб қўядиган омилдир. Улар Куръонни қабул қилишда шунчалар гарангки, Қуръонни эшитаётганда худди жуда олис жойдан чақирилаётган одамлар каби гарангсиб туришади, ҳеч нарсани эшитишмайди, бирор нарсани тушунишмайди.

45. (Эй Муҳаммад), дарҳақиқат, Мусога китоб берганимизда ҳам у ҳақда ихтилоф қилинди. Агар олдин Парвардигорингиз томонидан сўз ўтмаганида ораларида ажрим чиқарилган бўларди. Ҳақиқатан улар (Қуръон) ҳақида шак-шубҳададирлар.
Яъни, инсонларнинг ҳисоб-китоби ва қилмишлари учун жазо берилиши қиёмат кунига қолдирилмаганида уларнинг дунёдаги ишлари албатта ўз вақтида ҳал қилинган бўларди. Ушбу ояти каримада Қуръони каримга имон келтирмай, илоҳий калом ҳақида ихтилоф қилган, гумон ва шак-шубҳага борганларга эслатма ҳамда таҳдид келмоқда. Аллоҳ таоло айтяптики, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни нозил қилганимиздек, ўтмишда Мусога ҳам Таврот китобини берганмиз. Худди Макка мушриклари Қуръон ҳақида ихтилоф қилишаётганидек, Мусонинг қавми томонидан ҳам Таврот ҳақида ихтилоф қилинди. Баъзилари имон келтирди, айримлари Тавротни инкор этиб, куфрга кетди. Агар Аллоҳ таоло қиёматда ҳисоб-китоб қилишга ваъда бермаганида, Ўзининг китобига куфр келтирганларни ўша пайтнинг ўзидаёқ албатта азобга дучор этар эди. Яъни, кофирлар Қуръон ҳақида шак-шубҳага бориб туришаверсин, у ҳақда талашиб-тортишверишсин. Аллоҳ таолонинг ваъдасига биноан ҳозирча азобга гирифтор бўлмай туришибди. Қиёмат қойим бўлганида ўзларининг имонсизликлари нақадар қимматга тушганини, илоҳий ваҳийларни инкор қилганлари учун абадий азобга қолганларини яхши тушуниб олишади.

46. Ким солиҳ амал қилса, ўзи учундир. Ким ёмонлик қилса ҳам ўз зараригадир. Парвардигорингиз бандаларга зулм қлувчи эмасдир.
Аллоҳтаоло ҳар бир банданинг амалига яраша мукофот ёки жазо беради. Ким дунё ҳаётида солиҳ амаллар, эзгу ишлар қилиб ўтган бўлса, бунинг мукофотини охиратда тўла-тўкис қилиб олади. Ким ҳаётини ёмонлик ва зулм билан, Парвардигорига осийлик билан ўтказган бўлса, у ҳам фақат ўзига зарар қилади: икки дунё саодатини бой бериб, охиратда илоҳий жазога гирифтор бўлади. Аллоҳ таоло бандаларига асло зулм қилмайди, адолат тарозиси қанчалик “бешафқат” бўлмасин, У Зот ҳар кимга фақат амалига яраша мукофот ёки жазо беради, холос. Унинг фазли кенг, тарозининг афв ва раҳмат палласи оғирроқдир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Шубҳасиз, Аллоҳ заррача ҳам зулм ҳилмайди, яхшилик-ни бўлса кўпайтириб беради ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофотларни ато крлади” (Нисо, 40).

47. Қиёмат илми Унинг Ўзигагина қайтарилур. Барча меваларнинг шоналаридан чиқиши ҳам, ҳар бир урғочининг нимага ҳомиладор бўлиши ҳам, нимани туғиши ҳам фақат Унинг илми билан бўлади. У Зот уларга: «Менинг шерикларим қани?!» деб нидо қиладиган Кунда улар: «Сенга билдирамизки, бунга орамиздан бирорта гувоҳ йўқдир», дейишади.
Қиёматнинг қачон бўлиши, унда қандай воқеалар рўй бериши, инсонларнинг қиёмат кунидаги ҳолатлари қандай бўлишининг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Бу ҳақда инсонларга илм берилмаган. Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг қилмишига яраша адолат билан мукофот ёки жазо беради, қиёматнинг қачон бўлишини ҳам фақат Ўзи билади. Чунки Аллоҳ таолонинг илми мутлақ ва шомилдир. У ана шу шомил илми ва ҳикматига кўра Ер юзидаги жамики меваларнинг ҳосил тугунчаларидан қандай мева чиқишини ҳам, инсонлар, ҳайвонлар, паррандалар, ҳашаротлар ва бошқа махлуқларининг урғочилари нимага ҳомиладор эканларини ҳам, қачон ва қандай туғишларини ҳам Ўз илми билан билади ва буларнинг бари Унинг дақиқ илмига кўра амалга ошади. Нобакор инсонларгина Аллоҳ таолонинг бу илмини эътироф қилмайдилар, инкор этадилар ва Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ўзларича одамлардан беркитиб, гўёки Аллоҳ таоло билмайдигандек, куфр келтирадилар, гуноҳлар қиладилар. Улар Аллоҳ таолога нисбатан бу нобакорликни ҳатто охиратда ҳам қиладилар. Аллоҳ таоло яратишда ягона бўлгани учун ҳам, борлиқдаги жамики махлуқотни фақат Ўзи яратиб, ризқ бериб, бошқариб тургани учун ҳам У ҳеч қандай ше-рикларга, тенгларга муҳтож эмас. Шу боис У Ўзига шерик нисбат берувчи бандаларини итоб қилади ва жазолайди. Шунинг учун ҳам У қиёмат куни мушрик кимсаларга “Менга нисбат берган шерикларинг қани?” деб ғазабнок хитоб ва итоб қилади. Бу саволга мушрик кимсалар маънилироқ жавоб топа олишмайди. “Сенга шерик қилган нарсаларимизга бугун орамизда бирорта ҳам гувоҳ топа олмаяпмиз!” дейишдан бошқа сўз айта олишмайди. Аллоҳнинг мутлақ илмидан бехабар гумроҳ мушриклар ноилож қолиб, У Зотни алдамоқчи бўлишади: «Биздан бирор киши Сенинг шеригинг бор, деб гувоҳлик бермайди», дейишади. Улар қиёматни кўрганларидан кейин Аллоҳга шерик қилган сохта “илоҳ”ларидан ҳам тонадилар. Аммо вақт ўтганидан кейин Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига имон келтирганларини айтсалар ҳам уларнинг бу “имони” асло инобатга олинмайди.

48. Ўзлари олдин сиғиниб юрган нарсалари улардан ғойиб бўлади ва ўзларига қочиш жойи йўқлигига ишонадилар.
Қиёмат куни мушрикларнинг бу дунёда сиғиниб юрган сохта “илоҳ”лари бирдан кўзларидан ғойиб бўлиб қолади. Ваҳоланки, улар ўша сохта бут-санамларга сиғиниб, уларни Парвардигорлари ҳузурида шафоатчилик қилади, бизларга ёрдами тегади, деган хаёлда У Зотга шерик қилиб юришган эди. Қарашсаки, қиёмат куни ўша “илоҳ”ларининг қўлидан ҳеч нарса келмас экан. Улар ҳам ўзларига ўхшаш ожиз, нотавон, иложсиз нарсалар экан. Ана шунда мушриклар дўзах азобидан қутулиш имкони йўқлигига ишониб етадилар, Парвардигорларига шериклар ўйлаб топганларига надоматлар чекадилар. Аммо бу афсусларнинг энди фойдаси йўқлигини ҳам англаб туришади. У ҳолда нима учун одамлар ана шундай танг ҳолатда қолинадиган қиёмат кунига тайёргарлик кўрмай, бепарво юрадилар, охиратда яхшиликка эришиш ва улкан зарардан қутулишга интилмайдилар, асл табиатларига зид иш қилиб, илоҳий ваҳийларга куфр келтирадилар?

49. Инсон яхшилик тилашдан малолланмайди. Агар унга ёмонлик етса, бирданига умидсиздир, тушкундир.
Инсон ўзининг ақли етмайдиган нарсалар қаршисида жуда ожиздир. Шунинг учун у тушунмаган нарсаси борасида дарров шубҳа-гумонларга бораверади. У ҳамиша ёқимли, хушнуд қилувчи нарсаларга интилади, бу ҳақда илтижо қилаверишни малол ҳам кўрмайди. У ўзига бирор машаққат ёки етишмовчилик келиб қолса, дарров умидсизликка тушади. Бу қилиғи билан ўзининг руҳий оламидаги мувозанатни бузиб юборади.
Атоқли маърифатпарвар олим Ризоуддин ибн Фахруддиннинг шундай ғоят таъсирли сўзлари бор: «Балоларга сабр қилиш ва қазоларга бўйсуниш бало бўлмайдиган ва қазолар кўрилмайдиган жойга борадиган бирдан-бир йўлдир. Одам боласи қайғу, ҳасрат кўрмай умр кечириши мумкин эмас. Турмуш ва ҳаёт тиканли чангалзор устидан юришдан, машаққат тўлқинлари билан курашиб сузишдан иборат. Ақлли киши шу машаққатлардан қўрқмаслиги, келажақдаги роҳатларга умид боғлаб, ушбу машаққатлардан енгилмаслиги, кўнглини чўктирмаслиги зарур. Ҳар оғирлик ортидан бир енгиллик келишини Яратганнинг Ўзи ваъда қилиб қўйган. Оқил киши албатта шу ваъдани хотирлаб, кўнглини хотиржам қилади, ўзига тасалли беради. «Бошқа кишилар роҳатда юрадилар, қайғулари йўқ, ғам-аламли биргина менман» деб гумон қилиш янглиш ва зарарлидир. Роҳатда деб гумон қилинган кишиларнинг ҳоллари текшириб кўрилса, эҳтимол улардаги мусибатлар бошқаларникига қараганда оғирроқ экани маълум бўлиши мумкин. Дунё кудурат юрти бўлиб, бир соат шодлиги бўлса, унга қарши юз соат ҳасрати бордир».

50. Агар унга бирор кулфат етганидан сўнг Ўзимиздан бирор марҳаматни тоттирсак, у албатта: «Бу ўзимдандир, мен қиёмат бўлишига ишонмайман. Агар Парвардигоримга қайтарилсам, шак-шубҳасиз Унинг ҳузурида мен учун гўзал (мукофот) бордир», дейди. Ўшанда куфр келтирганларга қилган амалларининг хабарини албатта берурмиз ва уларга қаттиқ азобдан албатта тоттирурмиз.
Инсон фитрати, табиати ҳамиша роҳат-фароғат, ором истайди. Нафси минг кўйга солади. Ана шуни енга олган киши чинакам мўминдир. Роҳатидан кечиб, нафсини қон қақшатиб қийнаган, меҳнат, машаққат, ибодатларга чидаган кишигина мумтоз банда бўлади. Аллоҳ Ўз ҳикматига кўра куфрни, имонсизликни осон, мўминликни қийин қилиб қўйган. Шунинг учун дунёда кофир, осий кўп, мўмин ва солиҳ инсонлар оз. Аллоҳ таоло кофир кимсага уни ноумид қилган, тушкунликка туширган ёмонликдан сўнг яхшилик ато этса, у Парвардигорига шукр қилиб, ҳамду сано айтиш ўрнига “Бу яхшиликка ўзим эришдим, буни менга ҳеч ким бергани йўқ” деб ғурурга, кибрга ўтади. Кечагина тушкунликка тушиб, бутунлай умидсиз юрганини, Аллоҳ таолога ялиниб-ёлворганини унутади. Ўз куфри ва осийлигида яна давом этаверади. Охиратни рад этиб, «Мен охиратга, қиёмат бўлишига ишонмайман», дейди. Бу билан у ўзига ёмонликлар учун йўл очгандек бўлади. Чунки қиёмат қойим бўлишини фақат ёмонликка майли борларгина хоҳламайди. Кофир кибру ҳавоси билан ўзини жуда юқори қўяди. Шунинг учун Аллоҳнинг неъматига шукр қилмай, «Буни ўзим топганман», дейди. Шу сабабли у аслида Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонмаса ҳам, Парвардигорининг охиратдаги мукофотидан умид ҳам қилиб қўяди. Қиёмат куни Аллоҳтаоло кофирларга гўзал мукофотлар эмас, бу дунёда қилган гуноҳларининг хабарини беради. Куфр эгалари Аллоҳнинг мукофоти ёки жазоси ҳақида ҳар хил бўлмағур, асоссиз фикрлар билан ғурурланиб, ўзларини овунтириб, овора бўлиб юришмасин, қиёматда уларга қаттиқ азобнинг “мазаси” яхшилаб тоттириб қўйилади.

51. Қачон инсонни неъматлантирсак, у юз ўгиради ва ўз томонига қараб кетади. Қачон унга ёмонлик етса, у узундан-узоқ дуо қилишга тушади.
Яъни, шундай инсонлар борки, улар Аллоҳнинг ўзларига ато этган беҳисоб неъматларидан бемалол баҳраманд бўладилару аммо ўзлари имондан, Аллоҳга итоатдан, ибодатдан юз ўгириб, осийлик ва ношукрлик йўлига бурилиб кетишади. Агар бошларига бирор мусибат ёки бало келиб қолса, бундайлар дарров Парвардигорларига ёлбориб, илтижо қилиб, узундан-узоқ дуога тушиб қолишади. Аммо уларнинг бу дуолари самимий эмас, балки уларнинг очкўзлигидан туғилган иложсизликдир. Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ё сурати, ё ахлоқи, ё сифатлари, ё аҳли-аёли, ё бола-чақаси, ё уй-жойи, ё ватани, ё дўст-биродарлари, ё яқинлари, ё мансаб-лавозими, ё бошқа яхши кўрган нарсаларида бир қатор ишларни ато қилган. Аллоҳ таоло инсонни кофир эмас, мўмин қилиб, жонсиз эмас, жонли қилиб, ҳайвон эмас, инсон қилиб, ақлсиз эмас, ақлли қилиб, бетоб эмас, соғ-саломат қилиб, айбли эмас, беайб қилиб яратгани энгулуғ неъмат эмасми?
Аслида Аллоҳ таоло инсонларга берган ҳамма нарса неъмат саналади. Бироқ оқил илм ва чиройли хулқни неъмат деб ҳисобласа, жоҳилга лаззат ва шаҳватлар неъмат кўринади. Мавлоно Румий ёзганидай, дунё ҳаётида қанчалаб одам Аллоҳ берган неъматларни Аллоҳ розилиги, охират тадорики учун сарфлайди. Қанча одам эса уларни ярамас иллатлар ва разолатлар йўлида қурбон қилади. Айримлар неъмат туфайли савобга эришади, баъзилар уни ёмон иш ва йўлларга сарфлаб, осийга айланади. Кимдир ана шу беҳисоб неъматларга шукр қилиб, уларнинг ҳаққини адо қилади. Бошқа биров эса унга ношукрлик билан неъматнинг заволига учрайди.
Хуллас, биз билган ва билмаган барча нарсалар Аллоҳтаоло неъматлари денгизининг бир томчисидан ҳам оздир. Аллоҳ таоло неъматларининг ҳаққини адо этиш фақат Аллоҳга имон келтириш, берган неъматлари учун Унга ҳамд айтиш, шукр билдириш билан бўлади. Шукр ва сабр ҳамиша ёнма-ён юради. Аллоҳнинг бандага юборган синов-балоларига, мусибатларига сабр қилиш шукрнинг энг яхши кўринишларидандир. Одамлар жаҳолат ва ғафлатда бўлганидан неъмат шукрини айтишдан узоқдалар. Бунинг оқибатида улар неъмат қадри ва аҳамиятини билишдан маҳрумдирлар. Улар шукрнинг маъноси - неъматни ундан ирода қилинган том ҳикматда ишлатиш эканини билишмайди. Бу ҳикмат эса - Аллоҳ таолога тўла итоат этиш ва шукр айтишдир.

52. (Эй Муҳаммад, уларга шундай денг): «Айтинглар-чи, агар у Аллоҳнинг ҳузуридан бўлса-ю, сиз унга куфр келтириб юрган бўлсангиз, ким чуқур ихтилофда бўлганлардан ҳам адашганроқ бўлади?!»
Яъни, эй Пайғамбарим, неъматларимга шукр қилиш ўрнига ваҳийларимиздан юз ўгириб кетувчи кофирларга шундай деб айтинг: “Сизлар инкор этиб, куфр келтириб, ёлғонга чиқараётган Қуръон агар Аллоҳнинг ҳузуридан экани сизларга аён бўлиб қолса, ҳолингиз не кечади? Ўшанда бу ҳақда чуқур ихтилофга тушганлардан ҳам адашганроқ кимса топилармикин? У ҳолда бошингизни қайларга урасиз, афсус-надоматларингизнинг фойдаси бўлармикин? Чунки Аллоҳнинг Каломига куфр келтирганлар дунёда ҳам, охиратда ҳам заррача фойда кўрмайдилар, ҳамиша ютқизиқда бўладилар”.
Ҳақиқатан ҳам сира исбот талаб қилмайдиган ҳақ Китоб, ҳозиргача ақлларни лол қолдириб келган мўъжиз Калом бўлмиш Қуръони каримга имон келтирмаслик, уни инкор этиш, унинг оятларига эргашмаслик инсониятнинг энг катта хатосидир. Мушрикларнинг адашувлари шундаки, улар Аллоҳнинг тавҳиди борасида ва Унинг ҳақ билан туширган китоби Қуръон ҳақида бемаъни тортишувларга боришади, унга куфр келтиришади. Оқибатда Аллоҳнинг ваҳдонияти, Унинг зотий ва феълий сифатлари ҳақида ўринсиз тортишувларга бориб, ҳақ йўлдан адашиб кетишади. Улар адашувининг асл сабаблари эса ихтилофда чуқурлашиб кетганлари, Аллоҳнинг ҳақ Китоби туриб, инсонлар ўйлаб топган бошқа асосларга суянганларидадир. Уларнинг бу баҳс-тортишувлари нақадар залолатга кетганларидан дарак беради. Чунки улар очиқ-ойдин ҳақиқатни тан олмай, ўзларига зарар келтираётган, ҳақ йўлдан адашаётган кимсалардир. Кофирларнинг эса бу дунёда яхшиликка эришишлари гумон бўлса, охиратда ёмонликка учраб, қаттиқ азобга гирифтор бўлишлари аниқдир. Дунёда мана шу оддий ҳақиқатни кўрабила туриб, турли йўлларда адашиб, тортишиб юрган кофирлардан ҳам золимроқ одам бўлмаса керак.

53. (Қуръоннинг) ҳақлиги аниқ бўлгунича Биз уларга атрофларидаги ва ўзларидаги аломатларимизни кўрсатамиз. Парвардигорингизнинг ҳамма нарсага гувоҳ экани кифоя эмасми?!
Қуръонда келган илмий далилларни тасодифга йўйиш соғлом ақлга мутлақо тўғри келмайди ва ҳақиқий илмий ёндашувга зид бўлади. Дарҳақиқат, Қуръондаги илмий дақиқликни Аллоҳ Китобининг ўзи ушбу ояти карима орқали баралла эълон қилиб қўймоқда. Қуръондаги илмий далиллар унинг илоҳий Китоб эканини тасдиқламоқда. Ўн беш аср илгари, бу даражада салмоқли илмий далилларни ўзида мужассам қилган мана шундай бир китобни ёзишга ҳеч бир одам боласи қодир бўлмаган.
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло бундан ўн беш аср илгари одамларга уфқлардаги ва ўзларидаги аломатларини кўрсатиб, Қуръони каримнинг ҳақлигини аниқ-равшан очиб беришга ваъда қилмоқда. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, У ваъдасига албатта вафо қилади. Чунончи, Ислом динининг бошқа динлардан ғолиб келиши ва Маккаи мукарраманинг фатҳ қилиниб, мушриклардан тозаланиши инсонларга кўрсатиб қўйилди. Мушриклардан бир қанчаси Бадр жангида расволарча ҳалок қилиниб, бир қанчалари асирга тушди. Охири англаб етишдики, Ислом ҳақ дин экан, Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга юборилган нажот ва эзгулик дини экан. Қуръони карим ҳам ҳақ экан ва инсонларга гўзал ҳаёт кечиришда муҳим қўлланма ва маёқ экан. Охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳам барча пайғамбарларнинг охиргиси, бутун инсо-ниятга юборилган ҳақ пайғамбар эканлар.
Қуръон илмга бағишланган китоб эмас, балки, белгилар, ишоралар, аломатлар, мўъжизалар, яъни бир сўз билан айтганда, илоҳий ваҳийлардан иборат лол қолдирувчи китобдир. Қуръон ҳақиқатан ҳам бутун оламларнинг ягона Яратгувчиси ва Парвардигори - Аллоҳдан келган илоҳий кўрсатмалар мажмуидир. У барча пайғамбарлар, Одам, Мусо, Исо ва Муҳаммад (алайҳимуссалом)ларнинг умумий йўлини, яъни Аллоҳнинг биру бор Илоҳ эканига асосланган тавҳид таълимотини олиб келган.

54. Огоҳ бўлингларки, албатта улар Парвардигорларига рўбарў бўлишдан шак-шубҳададирлар. Огоҳ бўлингларки, У албатта ҳамма нарсани қамровчидир.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримаси орқали мўмин-мусулмонларга хитоб қиляптики, улар кофир, мушрик ҳамда мунофиқларнинг гап-сўзлари, ишлари ва ўзларидан ҳамиша огоҳ бўлишлари лозим. Чунки улар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтирмаганлари учун охиратни ҳам, қиёматда Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ҳам, ўша кундаги ҳисоб-китобни ҳам, эзгуликнинг мукофотию ёвузликнинг жазосини ҳам инкор қилганлари учун буларнинг бари ҳақида шубҳага бораверишади. Улар шубҳа қилиб ўтиришма-са ҳам бўлади, қудратли ва ҳамма нарсадан хабардор Парвардигорлари ҳузурида туришдан қаерга ҳам қоча олишарди?
Уларнинг кофирликлари, мушрикликлари ва мунофиқликлари, қиёматнинг қойим бўлишига, Парвардигорларига мулоқотда бўлишга ишонмасликлари туфайли қўлга киритадиган оқибатлари ўта хатарлидир. Чунки айни шу нарса инсонни барча ёмонликларни, гуноҳ ишларни бемалол қилишга етаклайди. Айни шу нарса инсоннинг икки дунёда бадбахт бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар ана шундай бадбахт кимсаларнинг аҳволидан ҳамиша огоҳ бўлишлари лозим. Яна улар огоҳ бўлишсинки, ҳамма нарсани қамраб олувчи Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради. Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди. У кўзлар хиёнатини, одамлардан махфий бўлган сирларни ҳам билади. У ерга кирган, ердан чиққан нарсани ва осмондан тушган, осмонга кўтарилган нарсаларни ҳам билади. У мияга келган, ният ва орзу қилинган нарсаларни ҳамда қалб ичидаги туйғуларни ҳам билади. Инсоннинг эса бу нарсаларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида қамраб, назорат остига олишга қурби етмайди.
Аллоҳ билан беллашадиган,Унинг ишларини ўзгартира оладиган бирон-бир зот йўқ, бўлмайди ҳам. Шунинг учун инсон ал-Муҳаймин, яъни ҳамма нарсани қамраб олувчи Зотга ҳамиша суянмоғи даркор. Чунки Аллоҳ азза ва жалла ҳамма нарсани билади ва барча нарсага қодирдир. Қайси асрда, қайси замонда, қай ўлкада, қайси ҳолатда бўлинмасин, агар вазият оғирлашса, Аллоҳ ўша иш устидан ҳукмронликни Ўз зиммасига олади. Шундай экан, банда доимо ал-Муҳаймин, яъни ҳукмрон ва назорат қилувчи, қамраб олувчи сифатли Зот билан бирга бўлиб, оқибати хотиржамлик ва омонлик бўлишини қўлга киритсин.

Орқага Олдинга