loader

065. Талоқ сураси

Мадинада нозил бўлган, 12 оятдан иборат.

Талоқ - Қуръони каримнинг олтмиш бешинчи сураси номи, Мадинада нозил бўлган, 12 оятдан иборат. Унда сўз асосан оилавий аҳволга тааллуқли шариат ҳукмларидан талоқ ва унинг қонун-қоидалари устида боргани учун у шундай ном олган. Яна бу сурада идда ва унинг турлари ҳамда иддадаги аёлни жой ва нафақа билан таъминлаб туриш, эмизувчига бериладиган ҳақ тартиблари ҳам баён этилади. «Талоқ» сўзининг луғавий маъноси «бирор нарсанинг боғичини ечиш, боғланишни бўшатиш, узиш» деганидир. Шаръий истилоҳда эса никоҳ ақди-боғланишини ечиб юбориш «талоқ» дейилади. Турмушдаги келишмовчиликнинг сира давоси топилмаса, Аллоҳ сўнгги чора сифатида талоқни шариатга киритган. Сабабсиз талоқ қилиш ҳаромдир. Талоқ Аллоҳ ҳузурида мубоҳ бўлган ишларнинг энг нохушидир. Уламолар талоқнинг ёмонлигидан Аллоҳнинг Арши титрайди, дейишган.
Сураи кариманинг аввалида талоқ икки хил (сунний ва бидъий) бўлиши айтилади ва мўминлар талоқ қилишга мажбур бўлишганда унинг афзалини - сунний талоқни танлашга чақириладилар. Шу билан бирга, талоқ қўйиладиган бўлса, шариатда кўрсатилганидек муносиб вақтда, яъни ҳайздан покланган вақтда қўйиш тавсия этилади. Булар баробарида доимо Аллоҳга тақво қилишга, Ундан қўрқишга даъват қилиб борилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Эй Пайғамбар, агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддаларида талоқ қилинг ва иддани ҳисобланг. Парвардигорингиз Аллоҳга тақво қилинг. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқишмасин, фақат очиқ фаҳш иш қилганлари мустасно. Мана шулар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегараларидан чиқса, ҳақиқатан ўзига-ўзи зулм қилибди. Сиз билмассиз, балки Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилар?
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб айтяптики, агар аёлларни талоқ қилмоқчи бўлсангиз, уларнинг иддалари ичида талоқ қилинг ва иддани ҳисобланг, яъни унинг қачон бошланишини ва қачон тугашини аниқ қилиб, охиригача риоя қилинг. Ушбу оятни яхши тушуниб олиш учун “идда” сўзининг маъносини ҳам англаб олишимиз зарур бўлади. Арабча «идда» сўзи «санаш» деган маънони англатиб, шариатда эридан ўлим ёки талоқ туфайли ажралган аёлнинг бошқа эрга тегмай, кутиб турадиган оралиқ муддати «идда» дейилади. Идда муддати, аслида, ўлган эрнинг хотираси ва ажрашган эр билан ўтган ҳаётнинг ҳурмати учун, энг муҳими, аёл ҳомиладорми йўқлигини аниқлаш учун шариатга киритилган. Аёллар учун идда ўтиришни бошлашга муносиб вақт ҳайздан пок бўлганларидан сўнг жинсий яқинлик қилмай туриб талоқ қўйишдир. Бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб,талоқ иккига бўлинади: сунний талоқ ва бидъий талоқ. Сунний талоқ -
эркак киши ўз хотинини ҳайздан ва нифосдан пок бўлганидан кейин жинсий яқинлик қилмай туриб бир талоқ қилишидир. Кейинги ҳайзни кўрганидан сўнг жинсий алоқа қилмай туриб яна бир талоқ қўйилади. Шундай қилиб, учинчи мартадан кейин уч талоқ бўлади. Яна ҳомиладорлиги аниқ бўлган аёлни талоқ қилиш ҳам сунний талоқ ҳисобланади. Ушбу шартларнинг қўйилиши ҳам талоқнинг олдини олиш учун тутилган йўлдир. Эр киши хотинининг ҳайздан пок бўлишини кутиб, ҳовуридан тушиши, талоқ ниятидан қайтиб қолиши мумкин. Ёки ҳомиладорлиги аниқлангандан сўнг меҳри кучайиб, талоқни унутиши ҳам мумкин. «Бидъий» сўзи «бидъатга мувофиқ» дегани бўлиб, суннатга хилоф деган маънони англатади. Бидъий талоқ юқорида саналган шартлар вужудга келмаган пайтдаги талоқдир. Яъни ҳайз пайтида ёки поклик пайтида туриб жинсий яқинлик содир бўлгандан кейинги талоқдир. Бидъий талоқ қилган одамнинг талоғи тушаверади, аммо ўзи катта гуноҳ қилган бўлади.
Идда ўтириш никоҳдан сўнг эр-хотин бўлиб яшаб туриб, сўнг талоқ қилинган хотинлар учундир. Баъзи ҳолатларда никоҳдан сўнг қўшилмай туриб ажралиш ҳам бўлади. Бундай пайтда идда ўтиришнинг ҳожати йўқ. Аммо, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Қуръони карим хотинни талоқ қилган эркакни Аллоҳга тақво қилишга, аёлга зулм қилмасликка ва иддаси тугамагунча, аёлни яшаб турган уйидан чиқариб юбормасликка буюради. Чунки эрнинг бунга ҳаққи йўқ, талоқ қилганидан сўнг то иддаси тугамагунча яшаб турган уйидан чиқариб юборилмайди, аёлларнинг ўзлари ҳам чиқиб кетмасликлари керак, агар шундай қилишса гуноҳкор бўлишади. Фақат очиқ зино қилган ёки эрини қаттиқ хафа қилиб, озор берган аёллар бундан истисно қилинмоқда. Юқорида зикр қилинган аҳкомлар Аллоҳнинг чегараларидир, яъни Ислом шариатида жорий қилинган ечимлардир, ким булардан чиқса, гуноҳкор бўлиб, ўз жонига зулм қилган бўлади. Ҳақиқатан, талоқ масаласидаги энг тўғри ва мақбул йўл исломий ечимдир. Лекин шариат талоқ қилишдан аввал бошқа енгилроқ чораларни кўриб, ажрашишнинг олдини олишга даъват этади. Аёл кишида эрига нисбатан ҳурматсизлик, итоатсизлик пайдо бўлса, аввал ваъз-насиҳат қилиш тавсия этилади. Бу ҳам фойда бермаса, бир хонада ўринни бошқа қилиб ётиш лозим. Бу ҳам таъсир қилмаса, зарар етказмай, жонини ачитмай уришгача рухсат этилган. Эр-хотиннинг ораси бу билан ҳам тузалмаса, эрнинг қариндошларидан бир киши, хотиннинг қариндошларидан ҳам бир киши ҳакам этиб сайланади ва улар эр-хотинни яраштириш чораларини кўрадилар. Бу чора-тадбирларнинг ҳеч бири фойда бермай, эр-хотиннинг бирга яшаши икковларига ҳам чексиз азоб-уқубатга айланиб қолгандагина талоққа рухсат берилади. Тўғри, Исломда талоққа рухсат берилган, аммо бунга рағбатлантирилмаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом: «Ўзи ҳалол-у, лекин Аллоҳ энг ёмон кўрган нарса талоқдир», деганлар. Бошқа ривоятларда «Талоқ тушганда Аллоҳнинг арши ларзага келади», дейилган (Хатиб ривояти).
Исломдан аввал бошқа масалалардаги каби талоқ борасида ҳам аёллар хорланар, уларни инсон ўрнида кўришмас эди. Баъзилар хотинини хоҳламай қолса, бошқага уйланиб, уни қаровсиз қолдирар, на ўзи хотин қилар ва на бошқага эрга тегиб кетишига имкон берар эди. Ёки талоқ қилиб, иддаси яқин қолганда яна унга қайтиб, уни ўйинчоқ қиларди. Ислом бундай хорликларга чек қўйди. Эр кишига фақат уч талоқнинг ҳуқуқини берди ва аёлни қийнамасликка буюрди. Айни пайтда аёлга «хулуь» ҳуқуқини берди, яъни аёл киши эри билан яшашни хоҳламасаю, бунга жиддий сабаб бўлса, қозига арз қилиб, ажраб кетишига имкон яратди. Аммо талоқ масаласида шуни ҳамиша ёдда тутиш лозимки, бунда ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш, бўлар-бўлмасга аёлини талоқ қилаверишдан тийилиш ҳам ҳар бир мусулмон эркакнинг вазифасидир.
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаблари ҳақида бир неча ривоятлар келтирилган: Қатода Анасдан шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хафсани талоқ қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди ва у зотга: “Уни қайтариб олинг, у кўп рўза тутувчи, кўп намоз ўқигувчидир. У жаннатдаги аёлларингизнинг”, дейилди”; Суддий айтади: “Бу оят Абдуллоҳ ибн Умар ҳақида нозил бўлган. У аёлини ҳайз ҳолида талоқ қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уни қайтариб олишни ва токи пок бўлгунича ушлаб туришни буюрдилар. Сўнг яна бошқа ҳайз кўриб, кейин пок бўлгач, агар хоҳласа, қўшилишдан олдин, яъни яқинлашмай туриб уни талоқ қилиши мумкинлигини айтдилар. Мана шу Аллоҳ буюрган иддадир”.

2. Улар муддатига етишса, уларни яхшилик билан олиб қолинглар ёки яхшиликча ажрашинглар ҳамда ўзларингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бундан фақат Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган насиҳат олади. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўяди.
Олдинги оятда эридан ажраган аёлнинг идда ўтириши лозимлиги ҳақида, иддага тегишли баъзи масалалар ҳақида сўз борган эди. Ушбу икки оятда эса идда тугагандан кейин нималар қилиш кераклиги ҳақида маълумот берилади. Оятдаги «Улар муддатига етишса» дейилгани «иддалари тугашига яқин қолса», деган маънони билдиради. Ана шундай ҳолатда эр хотинини яхшилик билан - хотинига қаттиқ тегмай, маломат қилмай, узрхонлик билан, ҳадялар берган ҳолда яна никоҳида қолдириши мумкин. Мисол учун, бир аёл талоқ қилинади. Энди у уч марта ҳайз кўриб, яна поклангунча бўлган муддатда идда ўтириши лозим. Демак, учинчи поклик охирлаб қолганда эр ражъат қилиб, яна уни қайтариб олса, оилавий ҳаётлари давом этиб кетаверади. Ажралишда ҳам шундай яхшилик йўли тутилади: аёлини ёмонламай, айблар тақамай, кўнглини олган ҳолда талоғи берилади. Айрим тушунмаган кишилар бундай пайтларда бир-бирларини дунёдаги барча ёмонликлар билан айблай бошлашади. Бундай йўл тутиш асло тўғри эмас. Ўтган солиҳ зотлардан бири хотинини талоқ қилганида одамлар у аёлининг нима айби учун талоқ қилгани ҳақида сўрашибди. Шунда бояги зот: «Нима учун унинг айбини очишим керак? Агар қайта ярашиб кетсам, ўз хотинимни ёмонлаган бўламан, ярашмасам, бировнинг хотинини ёмонлаган бўламан», деган экан. Шариат бўйича, ажрашаётган аёлга эр томонидан совғалар бериш ҳам жорий қилинган. Бу бошига мушкуллик тушган аёлнинг кўнглини кўтаради ва одамларда ҳам турли ёмон фикрлар туғилишининг олдини олади. Улар: «Фалончи хотини билан совғалар бериб, яхшиликча ажрашибди, демак, бошқа бир узрли сабабга кўра хотинини қўяётган экан», дейишади. Хотинга ражъат қилиб, ярашиладиган бўлса ҳам ёки бир йўла ажраб кетиладиган бўлса ҳам, мусулмонлардан икки адолатли кишини гувоҳ қилиш керак ва бу гувоҳлик холис Аллоҳ учун қилиниши лозим. Айтайлик, биров талоқ ҳақидаги хабарни эшитган-у, лекин ярашиш ҳақида ҳеч нарса эшитмаган бўлса, ҳар хил гумонларга бориши мумкин, гувоҳлар ўша гумонларнинг келиб чиқмаслиги учун ҳаракат қилишади, эр ва хотин ўртасидаги ҳақ-ҳуқуқларни аниқлашда ҳам ёрдам беришади. Аллоҳ таоло гувоҳларнинг адолатли бўлишларини алоҳида шарт қилиб қўйишининг сабаби шуки, гувоҳлик катта масъулият саналгани учун у адолат билан иш тутиши, ҳушёрлик кўрсатиши, бир томонга оғиб кетмаслиги, қасддан ёлғон гувоҳлик бермаслиги шарт. Комил мусулмон бўлиб, бирор ибодатни тарк қилмаган, динимиз қайтарган нарсаларга қўл урмаган, асло ёлғон гапирмаган, тақводор кишиларгина адолатли гувоҳ саналишади.
“Асбабун-нузул” китобида келишича, “Ушбу ояти карима Авф ибн Молик Ашжаъий ҳақида нозил бўлган.Унингўғлини мушриклар асир олишди. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, қашшоқлиқцан шикоят қилди ва “Душман ўғлимни асир олди, онаси жуда безовта бўляпти, бизни нимага буюрасиз?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга тақво қил ва сабр эт, сени ва аёлингни “Ла ҳавла ва қуввата илла биллаҳи”ни кўп айтишга буюраман”, дедилар. У уйига қайтиб, хотинига: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ва сени “Ла ҳавла ва куввата илла биллаҳи”ни кўп айтиб юришга буюрдилар”, деди. Хотини: “Қандай ҳам яхши нарсага буюрибдилар”, деб бирга айта бошлашди. Шунда душман уларнинг ўғлидан ғафлатда қолганида у душманнинг қўй подасини ҳайдаб отасининг олдига келди. Қўйлар сони тўрт мингта эди. Шунда ушбу оят нозил бўлди” (Ҳоким ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳ айтади: Ушбу ояти ашжаълик камбағал бир киши ҳақида нозил бўлган. Унинг оиласи катта, даромади кам эди. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга бориб, нарса сўради. У зот: “Аллоҳга тақво қил ва сабрли бўл”, дедилар. У оиласига қайтди. Аҳли: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга нима бердилар?” дейишди. У шундай деди: “Менга ҳеч нарса бермадилар, Аллоҳга тақво қил ва сабрли бўл”, дедилар”. Озгина вақтдан кейин унинг ўғли қўй подасини ҳайдаб келиб қолди. Душман уни асирга олганди. Шунда у бориб Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламдан қўйлар ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “Улар сенгадир”, дедилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Қуръондаги энг катта умидбахш оят ушбу: «ва ман яттаҳиллаҳа яжъ-аллаҳуу махрожан ва ярзухҳу мин ҳайсу лаа яҳтасиб» (Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўяди ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ беради). Бошқа бир ҳадиси шарифда Набий алайҳис-салом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёда қила олмайди», деганлар (Аҳмад ривояти).

3. Яна унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ беради. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Унинг Ўзи унга кифоядир. Аллоҳ Ўз ишини албатта етказувчидир. Ҳақиқатан Аллоҳ ҳамма нарсага ўлчов қўйгандир.
Яъни, ким Аллоҳга тақво қилиб, ўзини гуноҳлардан сақлаб-эҳтиётланса, ҳаром қилинган ишлардан четланса, Аллоҳ таоло унга ҳар бир қийин-машаққатли ишдан осон чиқиш йўлини кўрсатадаи ва ўзи ўйламаган жойдан ризқлантириб қўяди. Ким Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг кийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳнинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Одатда одамлар ризқ-рўзимни сероб қилай деб уриниб, тақводан воз кечишади, бу эса аксинча натижага олиб келади. Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятларни ўқидилар, сўнгра “Эй Абу Зарр, агар одамлар ушбу оятга амал қилишганида шунинг ўзи уларга кифоя қилар эди”, дедилар” Аҳмад ривояти); Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким истиғфор айтишни кўпайтирса, Аллоҳ уни ғам-ташвишдан чиқариб, ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради”, деганлар” (“Муснад”да ривоят қилинган). Алий ибн Абу Толҳа ушбу оятни “Дунё ва охиратда хар хил ғам-ташвиш, кулфатлардан сақлаб, нажот беради”, деб тафсир қилган. Икрима эса: “Ким Аллоҳ буюрган амалларни бажарса, У чиқар йўлни унга кўрсатиб қўяди”, деган. Сийрат китобларида келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни намоз ўқиётган эдилар. Ибодатни адо этиб бўлгач, у зот саҳобалардан: “Нима хакда гаплашяпсизлар?” деб сўрадилар. Улар: “Ризқ ҳақида”, дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Сизларга Жаброилдан эшитганим бир ҳадисни айтиб бераман. Биродарим Сулаймон алайҳиссалом денгиз соҳилида намоз ўқиётиб бир чумолини кўриб қолибдилар. У бир япроқни судраб борарди. Сўнг у денгиз олдига келди. Сувдан бир бақа чиқиб, чумолини елкасига миндирди ва денгизга шўнғиб кетди. Бир оз вақт ўтгач, бақа чумолини қирғоққа чиқариб қўйди. Сулаймон алайҳиссалом ундан нима қилиб юрганини сўрадилар. Чумоли шундай деди: “Денгиз тубида бир тош бор. Унинг ичида бир қурт бўлиб, унинг ризқини Аллоҳ таоло менга юклаган. Шунинг учун ҳар куни икки марта Аллоҳ тақсим қилиб қўйган насибасини куртга етказаман. Бу ишда менга Аллоҳ ёрдам учун бир фариштани бақа суратида яратди. У мени ўша тош олдига олиб боради. Сўнг тош ёрилиб, ичидан ўша қурт чиқади, мен унга япроқни едираман. Қурт ризқини еб бўлгач, “Мени яратган, мени денгиз тубига яширган ва мени унутмаган Аллоҳ айбу нуқсондан покдир” деб, Парвардигорига ҳамду сано ва шукр айтади. Кейин мени фаришта қирғоққа чиқариб қўяди”. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Денгиз тубидаги бир қуртни унутмаган Зот Муҳаммаднинг умматини эсдан чиқариб қўярмиди?!” дедилар”.
«Ким Аллоҳга таваккул қилса, Унинг Ўзи унга кифоядир» жумласининг тафсирига уламолар қуйидаги ҳадисни келтиришади: Пайғамбар алайҳиссаломнинг Абдуллоҳ ибн Аббосга қилган насиҳатларида жумладан шундай деганлар: «...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб, сенга манфаат етказмоқчи бўлса ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олишмайди. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олишмайди» (Термизий ривояти).

4. Аёлларингиздан ҳайздан умидсиз бўлганларининг иддаси, агар шубҳангиз бўлса, уч ойдир. Яна ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўйишларидир. Ким Аллоҳга тақво қилса, У унинг ишини осон қилиб Қўяди.
Олдинги оятлар тафсирида ҳайз кўрадиган аёлларнинг иддаси уч марта ҳайз кўриб, ундан покланишлари экани зикр қилинган эди. Аммо ҳамма аёллар ҳам ҳайз кўришавермайди, бундай тоифаларнинг иддаси қанча бўлади? Ёши улғайиб қолгани сабабли ҳайз кўришдан тўхтаган, яъни ҳайздан умидсиз бўлган аёллар ушбу оят ҳукмига кўра уч ой идда ўтиришади. Худди шу каби ёши кичиклиги сабабли ҳали ҳайз кўришга улгурмаган қизларнинг ҳам идда муҳлати уч ойдир. Ҳайз кўрмайдиган аёлларнинг учинчи тоифаси ҳомиладорлар бўлиб, бундай аёллар талоқ қилинганида ҳомилаларини қўйишлари, яъни туғишлари билан иддалари чиқади. Аллоҳга тақво қилган, Унинг чегараларидан чиқмаган инсонлар талоқ борасида ҳам адолатли йўл тутишади ва уларнинг бу тақволари эвазига Аллоҳ уларнинг ишларини осон қилиб қўяди.
Абу Усмон Амр ибн Солимдан ривоят қилади: “Бақара сурасида талоқ қилинган аёл ва эри ўлган аёлнинг иддалари ҳақидаги оят нозил бўлгач, Убай ибн Каъб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Мадина аҳлининг аёллари: “Бу оятда зикр қилинмаган аёлларчи?” деб сўрашмоқда”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким экан улар?” дедилар. У: “Ҳайз ёшига етмаганлар, ҳайз кўрмай қолган ёшдагилар ва ҳомиладор аёллар”, деди. Шунда Аллоҳ мазкур оятни охиригача нозил қилди”.

5. Булар Аллоҳнинг сизларга нозил қилган амридир. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг ёмонликларини ўчиради ва мукофотини буюк қилади.
Никоҳ, талоқ, идда ва буларга тегишли масалалар Аллоҳ таолонинг бандаларга нозил қилган фарзларидир. Булар оилавий ажралишларга боғлиқ бўлгани учун эр-хотиннинг бу масалаларда бир-бирларига зулм қилиш эҳтимоли кўп. Шунинг учун ҳам бу масалаларга оид оятларда Аллоҳ таоло инсонларни қайта-қайта тақвога, яъни Ўзидан қўрқишга чақиради. Талоқ эридан ажраган аёл ва унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳаваслар билан янги турмушни кўзлаб турганида эрининг талоқ қилиши унинг учун катта мусибатдир. Бунинг устига дўсту душман, ёру биродарларнинг маломати, одамларнинг тушунмай турли гапларни тарқатиши ҳам аёлнинг ғамини кучайтиради.
Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, талоқ қилинган аёлга шариатда мутъа (фойда) деб номланган молиявий тақдирлаш жорий қилинган. Бериладиган мутъанинг миқдори эр тарафга боғлиқ, имконига қараб кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар. Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади, яқинларининг кўнгиллари таскин топади. Дўсту душманларнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганининг далолати бўлади. Ажрашганда ҳам икки тараф бир-бирини бошқаларга ёмонлаб юрмайди. Салафи солиҳлардан бири аёли билан ажрашганда одамлар аёлнинг қанақа айби борлигини сўрашган. Шунда ўша киши: «Агар қайта ярашадиган бўлсам, ўз хотинимни ёмонлаган бўламан. Агар қайта ярашмасам, бировнинг хотинини ёмонлаган бўламан», деган ва аёли ҳақида бирор оғиз ёмон гап айтмаган.
Қуйидаги ояти карималарда эри томонидан талоқ қилинган аёлга идда давомида қандай муомалада бўлиш кераклигининг баёни келади:

6. Уларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингизга қараб жой беринглар ва уларни қисиб чиқариш мақсадида уларга зарар етказманглар. Агар ҳомиладор бўлишса, то ҳомилаларини қўйгунларича уларга нафақа беринглар. Агар сизга (фарзандни) эмизиб беришса, уларнинг ҳақларини беринглар, ўзаро яхшилик билан келишиб олинглар. Агар тангликка тушсангиз, унинг учун бошқаси эмизиб беради.
Ушбу ояти каримада эри томонидан талоқ қилиниб, идда сақлаётган аёлларнинг турар жой ва нафақаси ҳақида сўз кетмоқда. Оятдаги амр хотинини талоқ қилган эрларга қаратилгандир. Талоқ содир бўлгандан кейин икки хил ҳолат юзага келади ва икки хил иш тутилади. 1. Талоқ қилинган хотин ҳомиладор бўлмаса, унга эр иддаси чиққунча маскан ва нафақа бериши вожиб бўлади. Эр турли баҳоналар билан талоқ қилинган хотинни яшаб турган масканидан қисиб чиқариш билан унга зарар етказишдан тийилади. “Имконингизга қараб” деганда ҳеч қандай узр, баҳона топишга уринманг, жой яхши бўлмаса, бундайроғи ҳам бўлаверади, деган маъно назарда тутилади. 2. Талоқ қилинган хотин ҳомиладор бўлса, ўша ҳомиласини туққунича эр уни нафақа билан таъминлаб туриши вожибдир. Ҳатто талоқ қилинган хотиннинг янги туғилган боласини эмизиб берадиган бошқа аёл топилмасаю, унинг ўзи фарзандни эмизгудай бўлса, талоқ қилинган аёл бунинг учун маълум ҳақ олишга ҳам ҳақлидир. Янги чақалоқни эмизиш хусусида эр талоқ қилинган хотини билан яхшиликча келишади, агар у бунга кўнмаса, эмизадиган бошқа аёлни ёллайди.
Абу Исҳоқдан ривоят қилинади: «Асвад ибн Язид билан катта масжидда ўтирган эдим. Биз билан Шаъбий ҳам бирга эди. Шаъбий Фотима бинти Қайснинг ҳадисини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга маскан ҳам, нафақа ҳам буюрмаганлар, деди. Шунда Асвад бир кафт майда тошни олиб, сочиб юбордида: «Шўринг қурсин! Шунга ўхшаш гапни айтасанми?! Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Бир ёд олгани ёки унутганини билмаганимиз аёлнинг гапи деб Аллоҳнинг китобини ва Пайғамбаримизнинг суннатини тарк қилмаймиз. Ундоқ аёлга маскан ҳам, нафақа ҳам берилади. Аллоҳ азза ва жалла: «Уларни уйларидан чиқарманг ва ўзлари хдм чиқмасинлар. Магар очиқ-ойдин фоҳиша иш келтирсалар», деган, деди» (Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).
«Катта Масжид»дан мурод, Куфа шаҳрининг марказий масжидидир. Шаъбий ва Асвад ибн Язидлар замонасининг катта уламолари бўлишган. Улар орасида бўлиб ўтган илмий баҳсдан ҳазрати Умар Фотима бинти Қайснинг гапини Қуръон оятига зид ҳисоблаб қабул қилмаганлар. Ҳанафийлар мазҳабида худди шу ривоятга амал қилинади ва боин талоқ қилинган аёлга, унинг иддаси чиққунча талоқ қилган эр томонидан маскан ва нафақа берилиши вожиб, дейилади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида шундай дедилар: «Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар.... Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бор» (Муслим, Абу Довуд ва Молик ривояти).

7. Ризқи кенг киши бойлигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи танг қилинган бўлса, Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳеч бир жонни Узи берганидан ортиқчасига таклиф этмайди. Аллоҳ тангликдан кейин тезда осонликни ҳам пайдо қилади.
Яъни, аёлга талоқ тушганидан кейин унинг иддаси чиққунча эр томонидан таом, кийим ва маскан кўринишларида аёлга бериладиган нафақанинг миқдори қанча бўлади? Агар эр бадавлат киши бўлса, ана шу бойлигига қараб нафақа қилади, агар эрнинг ризқи танг ҳолатда, яъни топиши яхши бўлмаса, Аллоҳ ўзига ато қилган ризқ миқдорида нафақа қилади. Демак, камбағал киши ўзининг ҳолатига, имконига қараб нафақа билан таъминлайди, бундан ортиқчасини талаб қилишга аёлнинг ҳаққи бўлмайди. Бандаларига меҳрибон ва раҳмли бўлган Парвардигор уларга ҳеч қачон имкониятларидан ортиқчасини, машаққат-қийинчиликларни таклиф этмайди, балки ҳар бир инсонга ўз имкониятларидан келиб чиқишни буюради. Бир банданинг ризқи танг бўлиб, қийинчиликда қолгани унга Аллоҳ томонидан бир синовдир, унинг умр бўйи шундай машаққатда ўтиб кетишига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бир куни келиб Парвардигор Ўзининг лутфу инояти билан уни ҳам кенгу мўл ризқли қилиб қўйиши мумкин. Аксинча, умри давомида неъматларга ғарқ бўлиб, бой ва фаровон яшаб келган бир бандасини имтиҳон учун ризқини тортиб, танг ҳолатга тушириб ҳам қўйиши мумкин. Буларнинг барчасида Аллоҳ таолонинг синовлари бўлиб, У Зотга ёлвориш, тақво қилиш, берган неъматларига шукр қилиш орқали ризқини мўл-кўл қилиб олиши мумкин.

8.    Қанчадан-қанча шаҳарлар ўз Парвардигори ва Унинг пайғамбарлари амридан бош тортишди. Кейин Биз уларни қаттиқ хисобга тортдик ва оғир азоб билан азобладик.
Ҳақиқатан инсоният тарихини кузатсангиз, қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқлар, бутун-бутун юртларнинг аҳолиси Аллоҳга имон келтирмагани, Унинг пайғамбарларига итоатсизлик кўрсатгани, илоҳий ваҳийларни инкор қилгани учун Ер юзидан йўқ қилиб юборилганига гувоҳ бўласиз. Имонсизлик, залолат шунчалар хатарлики, буларга мубтало бўлганлар дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳ таолонинг қаттиқ ҳисобига ва азобига гирифтор бўлишади. Ҳозиргача курраи заминда яшаб ўтган бирон-бир халқ ёки қавм йўқки, унга Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини юбормаган, набий ёки расул орқали даъватини етказмаган бўлсин! Гумроҳ ва сўқир инсонлар Аллоҳнинг пайғамбарлари даъватига қулоқ солишмади, ҳатто уларни ёлғончига чиқаришди, ўлдиришгача бориб етишди. Ана шундай саркаш, исёнкор, итоатсиз, ношукр қавмлар бу дунёнинг ўзидаёқ турли балою офатларга, фалокатларга учраб, ер юзидан йўқ қилиб юборилди. Қуръони каримда зикри келган пайғамбарларнинг қиссаларида ана шу қавмларнинг фожиаси келтирилган.

9.    Сўнг улар қилмишларининг уқубатини тотдилар ва ишларининг оқибати зиён бўлди.
Дарҳақиқат, пайғамбарлар тарихига назар солсак, имонсиз инсонлар ҳамиша исёнда бўлгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун охири бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса аламли жаҳаннам қийноқлари кутаётганидан огоҳлантирилган. Пайғамбарлар тарихи ана шу осий кимсаларнинг қандай оқибат топганига мисол бўла олади. Пайғамбар Нуҳ алайҳиссалом қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этди. Акс ҳолда, уларни аламли азоб кутаётгани ҳақида огоҳлантирди. Аммо гумроҳ қавм пайғамбарининг куйиб-пишиб қилган даъватларига қулоқ солмади, аксинча, уни ёлғончига чиқарди. Шунда Аллоҳ томонидан Нуҳ алайҳиссаломга бир кема ясаш, унга ўзи, имон келтирганлар ва баъзи жонзотларни чиқариб олиб, нажот топиш буюрилди. Имонга келмаган золим қавм эса Аллоҳ таолонинг ҳукми илоҳийсига кўра, кучли тўфон ичра ғарқ қилиб юборилди. Иброҳим, Лут алайҳиссаломлар ҳам осий қавмларини қанчалар огоҳлантирганларига қарамай, қавмлари итоатсизлик кўрсатиб, Аллоҳнинг азобига учради. Шуайб алайҳиссалом ҳам, Мусо ва Исо алайҳимассалом ҳам, хуллас, барча пайғамбарлар ўз қавмларини ягона Аллоҳга имон келтиришга, Унинг амрларини бажариб, солиҳ амаллар қилишга чақирдилар. Аммо оз сонли кишиларни истисно қилганда қавмдан кўпчилиги пайғамбарлари даъватини инкор қилди. Ҳидоят йўлига юрмай, залолат ва куфрга юз бурди ҳамда оқибатда Аллоҳнинг қаҳру ғазабига учраб, ўзлари кутмаган даҳшатли бало-фалокатларга дуч келди.

10. Аллоҳ уларга қаттиқ азобни тайёрлаб қўйди. Эй имон келтирган ақл эгалари, энди Аллоҳдан қўрқинглар! Дарвоқе, Аллоҳ сизларга Зикрни нозил қилди;
Аллоҳ таолонинг амр-фамонларини инкор қилган, Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали юборган рисолатини тан олмаган, итоатсиз-саркаш қавмларни жазолаш учун У дунё ва охиратда аламли азобларни тайёрлаб қўйган. Шунинг учун оятда имон келтирган оқил инсонларга хитоб қилиниб, осийларга қаттиқ азоб юборувчи Аллоҳдан қўрқиш, Унга итоатда бўлиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда. Ояти каримадаги “Зикр”дан мурод Қуръони каримдир. Аллоҳ таоло ана шу Зикр-эслатмани инсонларга етказиш учун Ўзининг ҳақ Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни улар орасига юборди. Ҳақиқатан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки оёқда юрадиган тирик Қуръон эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан: «Пайғамбаримизнинг хулқлари қандай бўлган эди?» деб сўралганида: «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

11. ва имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга Аллоҳнинг очиқ-ойдин оятларини тиловат қилиб берувчи Пайғамбарни юборди. Ким Аллоҳга имон келтирса ва солиҳ амал қилса, У уни остларидан анҳорлар оқиб турувчи, абадий қолинадиган жаннатларга киритади. Ҳақиқатан Аллоҳ унинг ризқини яхши қилгандир.
Яъни, Аллоҳ таоло инсониятни ҳақ йўлга чорлаш учун Ўзининг Зикрини, охирги Китобини нозил қилди. Ундаги таълимотларни етказиш учун охирги Пайғамбарини юбориб, Ўзининг очиқ-равшан оятларини, яъни амр-фармонларини бандаларга етказишни, Парвардигорнинг азобидан огоҳлантиришни у кишига топширди. Оятдаги “нур”дан мурод Ислом динидир, “зулматлар” эса куфр ва ширкни, жаҳолат ва гуноҳларни англатади. Ислом инсонларни куфр ва ширк, жаҳолат ва залолат зулматларидан имон ва ҳидоят нурларига олиб чиққан ягона таълимотдир. Ислом инсониятнинг ҳаёт тарзини белгилаб берадиган, уни ахлоқ қоидалари билан иҳоталайдиган, барча ёмонлик - гуноҳлардан муҳофаза қиладиган, фақат эзгулик, яхшилик, солиҳ амалларга даъват этадиган сўнгги илоҳий Ҳақ диндир!
Ислом келишидан олдин инсонлар ақида, эътиқод, тасаввур ва хаётий тушунчаларда, турли алоқалар ва урф-одатларда, иқтисод, ахлоқ ва ижтимоий муносабатларда, хуллас, бошқа кўпгина соҳаларда очиқ-ойдин адашувда эдилар. Аллоҳ таоло инсонларга ўзларидан Муҳаммад алайҳиссаломни бир пайғамбар ўлароқ юбориб, инсониятни бу адашувдан, залолатдан қутқарди, тўғри йўлга солди. Исломнинг инсоният учун ягона нажот эшиги, қуллик ва хўрликдан, жаҳолат ва куфрдан қутқарувчи чин илоҳий дастур эканини мусулмонлар қолиб, ҳатто ғайриислом мутафаккирлар тан олишган. Бу дин «Илгариги пайғамбарлар фақат ўз қавмига пайғамбар этиб юборилганди, мен бўлсам ер юзидаги барча инсонларга пайғамбар қилиб юборилдим», дея баралла айтган хотам ун-набий Муҳаммад алайҳиссаломга нозил этилган илоҳий дастурдир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтириб, зулматдан нурга чиқа олган бўлса, охиратда унга гўзал оқибат ва насиба тайёрлаб қўйилган. У абадий яшаладиган, ғам-ташвиш, касаллик ёки очлик, уруш-жанжал ва хусумат бўлмайдиган жаннат ҳаётига мушарраф бўлади. Жаннат неъматларининг саноғи йўқ, унинг боғлари остидан ҳамиша зилол сувли анҳорлар оқиб туради. Аллоҳ таоло жаннатийларнинг ризқини жуда кенг ва туганмас қилиб қўйган. Ана шундай саодатга дунё ҳаётида имон келтириб, солиҳ амалларни қилган мўминлар сазовор бўлишади.

12.Аллоҳ етти осмонни ва Ердан ҳам шунчасини яратган Зотдир. Унинг амри улар орасига тушиб туради. Бу сизлар Аллоҳ ҳамма нарсага қодирлигини, Аллоҳ ҳамма нарсани Ўз илми билан ўраб олганини билишингиз учундир.
Аллоҳ таоло етти қават осмонни яратган бўлса, Ерни ҳам шунча қаватдан иборат қилиб яратган. Ҳозирги кунда атмосфера қатлам-лари ҳақидаги маълумотлар олимлар томонидан яхши ўрганилган. Бу ҳақда илмий нашрлардан бири шундай ёзади: «Олимлар атмосфера устма-уст жойлашган бир неча қатламдан иборатлигини аниқлашди. Ҳар бир қатлам бошқасидан аниқ хусусиятлари билан ажралиб туради. Бу хоссаларга уларнинг табиий хусусиятлари, бо-сим ва таркибидаги газларни келтириш мумкин. Ер сатҳига энг яқини тропосфера қатламидир. У Ер атмосфераси оғирлигининг 90 фоизини ташкил қилади. Ундан юқорида стратосфера, озоносфера қатламлари бўлиб, уларнинг вазифаси инсон учун зарарли улътра-бинафша нурларни тутиб қолишдир. Улардан юқорида мезосфера, термосфера қатламлари бор. Энг юқорида ионосфера ва экзосфера жойлашган. Экзосфера Ер юзасидан 450-960 км баландда ўрин олган». Худди осмонлар каби Ер ҳам еттита қатламдан иборат, буни ҳозирги илм ҳам тан олиб ёзган.
Қуръонда ўн беш аср олдин хабар қилинган баъзи илмий ҳақиқатларнинг ҳозирги давримизга келиб, илм-фан ва технология тараққиёти натижасида маълум бўлиши Каломуллоҳнинг илоҳий мўъжизаларидандир. Албатта, Қуръон илмий иш эмас. Аммо аксар оятларда келтирилган кучли англатиш воситалари ва юксак ақл даражасидаги илмий тушунчалар вақт ўтиши билан замонавий илм-фан томонидан кашф қилиниб, тасдиқланди. Дунё тузилишининг кўп масалалари Аллоҳ томонидан ҳали инсон уларнинг моҳиятини тушуна олиш даражасида бўлмаган бир даврда нозил қилинди. Инсониятнинг фалакшунослик, физика ва биология каби фанлар бўйича билими жуда оз эди. Бу билимларнинг Қуръон нозил бўлган амонда илмий асослана олмагани Қуръоннинг Аллоҳнинг каломи эканига яна бир марта далолат қилади. Қуръон нозил бўлган даврла араблар илм-фан соҳасида қолоқ, ирим-сиримлар, чўпчакларга берилган халқ эди. Табиат ва коинотни тадқиқ этиш учун керакли энг оддий ускуналарга ҳам эга бўлмаган одамлар авлоддан-авлодга оғзаки усулда ўтиб келаётган афсоналарга ишонардилар. Масалан, лар осмон гумбази текис бўлган Ернинг икки томонидан тоғларга мустаҳкамланган, деб ўйлашарди. Лекин араблардаги бу ботил тушунчани Қуръон йўққа чиқарди. Мана шу ҳақиқатнинг ўзиёқ Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсага қодирлигини, борлиқдаги ҳамма жараёнларни Ўз илми билан ўраб-иҳоталаб олганини англатади.

 

 

 

Орқага Олдинга