loader

061. Саф сураси

Мадинада нозил бўлган, 14 оятдан иборат

Саф - Қуръони каримнинг олтмиш биринчи сураси номи, Мадинада нозил бўлган, 14 оятдан иборат. Сура дастлаб Аллоҳ таолога тасбеҳ айтилганидан сўнг мўминларга берган ваъдаларининг устидан чиқишлари лозимлигини уқтириш билан бошланади. Сўнгра Аллоҳ таоло Ўзининг йўлида саф бўлиб курашадиган кишиларни севиши таъкидланадики, суранинг Саф деб номланиши сабаби ҳам шудир. Бу сура ҳам маданий суралардан бири бўлиб, бу дунё ва охиратда саодатга эришиш учун қандай «тижорат» олиб бориш зарурлиги ҳақида сўз юритади. Бу улкан ишларни бажаришнинг ўзи бўлмаслиги, уни амалга ошириш учун мўмин-мусулмонларнинг сафлари бир бўлиши шарт экани уқтириб ўтилади. Сурада Мусо ва Исо пайғамбарларнинг Бани Исроил қавми томонидан кўрган озор-азиятлари ҳам зикр қилинган. Сурада Аллоҳ таоло ҳамиша Ўз динига, пайғамбарларига ва мухлис бандаларига ёрдам бериб келганлиги ҳам эслатилади. Мушрикларнинг Аллоҳнинг динига қарши уруш очишлари гўё оғзи билан пуфлаб қуёшни сўндиришга уринаётган одамнинг ҳолатига ўхшатилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Осмонлардаги ва Ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтишади. У қудратлидир, ҳикматлидир.
Аллоҳ таолони барча айбу нуқсонлардан поклаб, Унга сано ва мақтовлар йўллаш, Ўни муқаддас деб зикр қилиш «тасбеҳ айтиш» дейилади. Ҳадиси шариф ва бошқа оятларда келган хабарларга кўра, дунёдаги ҳамма нарса Парвардигорига ўз йўли билан тасбеҳ айтади. Осмонлардаги фаришталар ва жинларнинг мўминлари ҳам, ер юзини макон тутган инсонлар, ҳайвонлар, парранда ва ҳашаротлар ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтишади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳнинг зикр аҳлини қидириб, йўлларда айланиб юрадиган фаришталари бор. Агар бирорта зикр қилаётган қавмни топиб қолишса, «Излаган нарсаларингизга келинглар!» деб бир-бирларини чақиришади. Кейин улар буларни (зикр қилаётганларни) қанотлари билан дунё осмонигача ўраб олишади. Парвардигорлари Ўзи улардан яхши билса ҳам: «Бандаларим нима дейишяпти?» деб сўрайди. Улар: «Сенга тасбеҳ, такбир ва ҳамд айтишяпти, Сени улуғлашяпти», дейишади. У Зот: «Улар Мени кўришганми?» дейди. Улар: «Аллоҳга қасамки, йўқ, улар Сени кўришмаган», дейишади. У Зот: «Агар Мени кўрганларда, қандай бўлар эди?» дейди. Улар: «Агар Сени кўрганларида, Сенга янада қаттиқроқ ибодат қилишар, Сени янада қаттиқроқ улуғлашар ва Сенга янада кўпроқ тасбеҳ айтишар эди», дейишади. У Зот: «Улар Мендан нима сўрашяпти?» дейди. Улар: «Жаннатни сўрашяпти», дейишади. У Зот: «Улар уни кўришганми?» дейди. Улар: «Аллоҳга қасамки, йўқ. Эй Роббимиз, улар уни кўришмаган!» дейишади. У Зот: «Агар уни кўрганларида, қандай бўлар эди?» дейди. Улар: «Агар улар уни кўрганларида, унга янада ҳарисроқ, янада қаттиқроқ интилувчан ва янада кўпроқ рағбатли бўлишар эди», дейишади. У Зот: «Улар нимадан паноҳ сўрашяпти?» дейди. Улар: «Жаҳаннамдан», дейишади. У Зот: «Улар уни кўришганми?» дейди. Улар: «Аллоҳга қасамки, йўқ. Улар уни кўришмаган», дейишади. У Зот: «Агар уни кўрганларида, қандай бўлар эди?» дейди. Улар: «Агар уни кўрганларида, ундан янада қаттиқроқ қочган ва қаттиқроқ қўрққан бўлишарди», дейишади. У Зот: «Сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, Мен уларни мағфират қилдим», дейди. Бир фаришта: «Уларнинг ичида фалончи ҳам бор, ўзи улардан эмас, бир юмуш билан келган, холос», дейди. У Зот: «Улар шундай суҳбатдошларки, уларнинг суҳбатдоши ҳам бахтсиз бўлмайди», дейди» (Бухорий ривояти).

2. Эй имон келтирганлар! Сизлар нега қилмайдиган нарсангизни гапирасизлар?
Мусулмонларга Аллоҳ йўлида жанг қилиш фарз этилишидан олдин бир гуруҳ мўминлар агар Аллоҳ таоло Ўзига энг суюмли амалга буюрганда уни бажариб, улкан савобларга эришардик, деган орзуда юришарди. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари алайҳиссаломга хабар юбориб, жиҳодни фарз қилди, аммо аввал Аллоҳнинг розилиги учун ҳамма нарсага тайёрликларини айтиб юрганларга бу амр машаққатли туюлди, оғир келди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилиб, қилмайдиган нарсаларини гапирмаслик ҳақида уларни огоҳлантирди.

3. Қилмайдиган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳ ҳузурида қаттиқ нафратлидир.
Ривоят қилинишича, бир гуруҳ мусулмонлар бир ерга жамланиб, “Агар Аллоҳга мақбул бир иш бўлганида бизлар ўшани қилиб, Парвардигорнинг розилигини топган бўлардик”, дейишди. Шунда ушбу оятлар нозил қилиниб, бандаларга ўзлари қилмайдиган нарсани гапириш Аллоҳ ҳузурида энг нафратга сазовор иш экани хабар қилинди. Яъни, айтган гапига амал қилиш мўмин учун шунчалар муҳимдир. Оятдан маълум бўляптики, айтган гапини қилмаганлар Аллоҳнинг ҳузурида қаттиқ нафратга қолишса, қилмаган ишини қилдим дейдиганлар бундан ҳам ёмонроқдир.

4. Албатта, Аллоҳ Ўз йўлида худди туташ бинолардек саф тортиб уруш қиладиганларни яхши кўради.
Аллоҳтаоло яна мўминларга хитоб қиляптики, агар улар Парвардигорлари розилиги йўлида жанг қиладиган бўлишса, бир-бирига туташ бинолар қанчалик мустаҳкам бўлса, худди шундай жипс ҳолда, саф тортиб туришларини яхши кўради. Аллоҳ таоло бежиз мусулмонларни жипсликда мустаҳкам бинога ўхшашга чорламаяпти. Чунки бинонинг деворлари, шифти ва бошқа тарафлари бир-бирига яхши бирлашиб кетган бўлса, бинонинг ўзи ҳам мустаҳкам бўлади. Мусулмон жамияти ҳамиша бирдам, бир сафда, ҳамфикр ва ўзаро жипслашган ҳолда бўлиши зарур. Ҳатто энг улуғ ибодат бўлган намозни ҳам биргаликда, жамоат бўлиб, сафларни жипслаштирган ҳолда ўқишга тарғиб этилган. Бу оятда эса урушда ҳам бирдам бў-лишга, жипслашиб, душманни бир жабҳа бўлиб қарши олишга буюрмоқда.
Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи ўтирганимизда “Аллоҳга қайси амал севимлироқ эканини билсак эди, унга амал қилар эдик”, дедик. Шунда Аллоҳ таоло «Албатта Аллоҳ ўзининг йўлида худди туташ бинолардек бир сафга тизилиб жиҳод қи-ладиганларни яхши кўради» оятигача ва суранинг охиригача нозил қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бизга ўқиб бердилар”.

5. Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, мен Аллоҳнинг пайғамбари эканимни билатуриб, нега менга озор берасизлар?» деганини эсланг. Улар оғишган эди, Аллоҳ уларнинг дилларини оғдирди. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмайди.
Ушбу оятда эса мўминларга хитоб қилиниб, Мусо алайҳиссаломга унинг қавми Бани Исроил озор берганидек, ўз Пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бермасликка чақирилмоқда. Мадинадаги мунофиқлар ва имони заифлар томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга жабр-зулм кучайиб кетганида у зот алайҳиссалом: “Аллоҳ биродарим Мусога раҳм қилсин, у мендан кўра қаттиқроқ озорларга учраса-да, аммо бунга сабр қилди”, деганлар. Бани исроилликлар Мусо алайҳиссаломга турли озорлар беришган. Жумладан, жинсий масалада, унинг чурраси тушгани ҳақида миш-миш тарқатиб, у кишининг дилини оғритишган эди. Баъзилари «Мусонинг эркаклиги йўқ» деб миш-миш тарқатишган. Имонсиз Қорун эса бир аёлга пул бериб, Мусо алайҳиссаломни зино қилишда айблашни топширган эди. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга озор бераётган кимсаларга хитоб қилиб айтяптики, сизлар Бизнинг элчимизга озор берманглар, хусусан, оилавий тарафдан турли миш-мишлар тарқатиш билан у кишини ранжитманглар. Бошларингизга яна Бани Исроилнинг куни тушиб қолмасин. Аллоҳ Бани Исроилни Мусо алайҳиссаломга озор бергани учун нима қилгани маълум.

6. Исо ибн Марямнинг «Эй Бани Исроил! Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлаш, ўзимдан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган пайғамбардирман» деганини эсланг. Уларга ҳужжатларни келтирганда эса: «Бу аниқ сеҳрдир», дейишди.
Исо алайҳиссалом ўз қавмига ўзидан олдин келган Тавротни тасдиқлаши, ўзидан кейин эса Аҳмад исмли Пайғамбарнинг келиши ҳақида башорат беришини таъкидлаб ўтяпти. Ушбу оятда Ийсо алайҳиссалом ўз умматларига айтган гаплар муҳим гаплар бўлиб, улар диний таълимотлардаги улкан масалаларни ўз ичига олади. Ҳақиқатан, насроний дини китобларида ҳам Исо алайҳис-саломнинг тилидан: «Мен Номусни (яъни Тавротни) йўқ қилиш учун эмас, балки тўлдириш учунгина келдим», дейилган экан. Шунингдек, Исо алайҳиссалом ўзидан кейин Аҳмад исмли охирзамон Пайғамбарининг келиши хабарини ҳам бермоқда. Аҳмад Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларидан бири бўлиб, Муҳаммад билан ўзақцошдир. Муҳаммад “мақталган” маъносини билдирса, Аҳмад “ўта мақталган” деган маънодадир. Барча пайғамбарлар қиёматга яқин охирги пайғамбарнинг чиқиши ҳақида қавмларини огоҳлантиришган, аммо уларнинг ҳеч бири Исо алайҳиссаломчалик бу ҳақда очиқ хабар бермаган. Исо алайҳиссаломнинг ушбу башоратлари Инжилда ҳам келган. Юҳанно Инжилида: «Агар менга муҳаббат қилсаларингиз, васиятларимни тутинглар: мен отадан сизлар билан абадий собит бўлиш учун Фарақлитни талаб қиламан», дейилган. Лекин замон ўтиши билан роҳиблар кейинги нашрларда бу сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатадиган бўлишган. Замондош олимлардан Аҳмад Нажжор ғарб олимларидан бири доктор Карл Нилинудан: “Фарақлит»нинг маъноси нима?” деб сўраганида у: “Роҳиблар «мъази» деб айтишади”, дебди. Шунда Нажжор: “Мен роҳибдан эмас, балки юнон тили доктори Карл Нилинудан сўраяпман”, дебди. Фақат шу гапдан кейингина доктор Карл: “Бу сўзнинг асл маъноси «кўп шукр, мақтов», дебди. Сўнгра устоз Нажжор: “Арабча «ҳамд» сўзининг «Аҳмад» шаклида ишлатилишига тўғри келадими?” деса, доктор Карл: “Ҳа”, деб жавоб қилибди. Лекин шунчалар очиқ башоратлар бўлса ҳам, Аҳмад, яъни Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ дин билан пайғамбар бўлиб келганларида улар имон келтиришмади.

7. Исломга даъват қилинаётганида Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмайди.
Яъни, бир киши Исломга даъват қилинсаю, уни ҳеч бир тараддудсиз қабул қилиш ўрнига Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиса, Унинг ваҳийларини инкор қилса, бундай одам золимларнинг ҳам золими саналади. Чунки Ер юзида Ҳақни инкор қилишдан ортиқроқ золимлик йўқдир. Булар Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқишда ҳар қандай чегараларни ҳам бузиб кетишади. Улар Аллоҳнинг Китоби Қуръонни «сеҳр» ёки «шеър» дейишади. Илоҳий ваҳийлар келтирилса, «Аллоҳ бизни бунга буюрган эмас», деб саркашлик қилишади. Охирзамон Пайғамбарига итоат қилиш буюрилса, «Муҳаммад Пайғамбар эмас», дейишади. Улар бундан бошқа кўплаб бўҳтон ва туҳматлар ўйлаб топишади. Аллоҳ таоло эса бундай золим кимсаларни асло ҳидоятга бошламайди. Чунки гуноҳкорлиги туфайли ҳидоятга нолойиқ шахсларни ҳидоятга бошламаслик Аллоҳ азза ва жалланинг жорий суннатидир.

8. Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлишади. Гарчи кофирлар ёқтиришмаса ҳам Аллоҳ Ўз нурини камолга етказувчидир.
Кофир ва мушрик кимсалар Аллоҳ таолонинг нури зиёда бўлишини, унинг бутун Ер юзини ёритишини ҳаргиз исташмайди ва уни оғизлари билан, яъни сўзлари билан ўчирмоқчи бўлишади. Оятдаги «Аллоҳнинг нури»дан мурод Ислом динидир. Бундай кимсалар Аллоҳнинг охирги динини батамом йўқ қилиб ташлашга қанчалар уринишмасин, бу нарса уларнинг қўлидан келмайди. Уларнинг бу чиранишлари худди қуёш шуьласини оғиз билан пуфлаб ўчиришга ҳаракат қилишга ўхшайди. Қуёш нурини пуфлаб сўндириб бўлмаганидек, Ислом нурини ҳам ўчириш, уни йўқ қилиш ўта маҳол ишдир. Чунки Ислом ўз шавкати билан одамларнинг фитрий чин инсонлигига қайтишларига имкон беради. У инсонларнинг имонини асровчи, хасталиқцан қутқарувчи турмуш тарзи билан ҳаёт уммонидан сузиб ўтишга имкон берадиган нажот қайиғидир. Ислом Аллоҳ юборган динлар ичида хотималовчи, қиёматгача барча даврлар ва жамиятлар учун баб-баравар жавоб берадиган ва хизмат қиладиган ягона диндир. Бу дин «Илгариги пайғамбарлар фақат ўз қавмига пайғамбар этиб юборилганди, мен бўлсам ер юзидаги барча инсонларга пайғамбар қилиб юборилдим» дея баралла айтган хотамун-набий Муҳаммад алайҳиссаломга нозил этилган илоҳий дастурдир. Ислом инсониятнинг ҳаёт тарзини белгилаб берадиган, уни ахлоқ қоидалари билан иҳоталайдиган, барча ёмонлик - гуноҳлардан муҳофаза қиладиган, фақат эзгулик, яхшилик, солиҳ амалларга даъват этадиган сўнгги Ҳақ диндир!

9. У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан - гарчи мушриклар ёқтиришмаса ҳам уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир.
Мушрикларга ёқадими ёки йўқми, барибир Аллоҳ таоло охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни Ўзининг сўнгги дини билан юборган ва бу динни бошқа барча динлардан устун қилишга ваъда берган. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, у албатта рўёбга чиқажакдир. Аллоҳ таоло бандасини яратар экан, унинг Ўзига бўйсунишини, белгилаб берган йўлидан юришини истади. Йўлидан чиқиб кетган машина ағдарилиб, пачоқ бўлгани каби инсон ҳам тўғри йўлдан адашса, залолатга учраб ҳалок бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: «Мушриклар ёқтиришмасада, У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан ғолиб ҳилиш учун юборган” (Тавба, 33). Аллоҳ таолога яқин бўлиш, Унинг меҳрибонлиги, раҳм-шафқати, ажр-мукофотларидан умидворликнинг энг ишончли ва тўғри йўли - Исломдир! Ислом барча динлардан устун бўлиб, жаҳон халқларини икки дунё саодатига эриштиради. Бу таълимотнинг ҳақиқатлари бутун инсониятга етиб бориши учун эса, аввало, мусулмонлар ўзлари Исломни тўгри тушуниб, ҳаётларига татбиқ қилишлари, сўнгра бошқаларга ҳам етказишлари лозим.

10. Эй имон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқарадиган “тижорат”га далолат қилайми?
Имоннинг ғолиб, Исломнинг бошқа динлардан устун бўлишини баён қилиб берганидан сўнг Аллоҳ таоло мўминларни азобдан қутқарувчи ва кўплаб яхшиликларга етказувчи «тижорат»га тарғиб қилади. Аллоҳ таоло билан мўминлар ўртасидаги бу “тижорат” нақадар саодатли, шарафли ва улкан фойда келтирувчидир. Мўминлар бу “тижорат”ларидан хурсанд бўлишлари, Аллоҳнинг розилигини топиш йўлида жанг қилиш олий саодат эканини яхши англаб, шунга яраша иш қилишлари керак.

11. Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирасизлар ҳамда Унинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қиласизлар. Агар билсангиз, ана шу сизлар учун яхшидир.
Аллоҳга имон келтиришни истаган инсон ҳаётда Унинг нозил қилган Китоби Қуръони карим таълимоти асосида яшашни тақозо қилса, Аллоҳнинг Расули Муҳаммад алайҳиссаломга имон келтириш эса ҳаётда у кишидан ўрнак олиб, суннатларига амал қилиб яшашни талаб этади. Демак, мўмин киши Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирганидан сўнг Аллоҳ йўлида моли ва жонини фидо қилиб, кураш олиб бориши, яъни жиҳод қилиши керак бўлади. «Жиҳод» сўзи луғатда инсоннинг бор имкониятини ишга солиб, жидду жаҳд, ҳаракат қилишини англатади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам нажотга эришмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қуввати, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак.

12. Гуноҳларингизни кечиради ва сизларни остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга ва Адн жаннатидаги покиза масканларга киритади. Мана шу улкан ютуқдир.
Яъни, Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирсангиз, Аллоҳ йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қилсангиз, Аллоҳ таоло аввало, бу дунёда гуноҳларингизни кечиради, охиратда эса остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга, мангу яшаладиган Адн жаннатидаги покиза масканларга киритадики, бу инсонлар учун икки дунёда энг катта ютуқдир. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу шундай сўзлаб берган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга дедилар: «Бу кеча менга иккитаси келди. Иккови мени турғизди. Олтин ғишт ва кумуш ғиштлардан қурилган бир шаҳарга етиб келдик. Хилқатларининг ярми сен кўрган энг гўзал шаклда, бошқа ярми эса сен кўрган энг хунук шаклда бўлган кишилар бизни қарши олишди. Иккови уларга: «Бориб, анави анҳорга тушинглар», дейишди. Улар унга тушишди. Кейин олдимизга қайтиб келишди. Улардан ҳалиги ёмонлик кетиб, энг гўзал суратда бўлиб қолган эдилар. Иккови менга: «Мана шу Адн жаннатидир. Ҳов анави сизнинг манзилингиз. Ярми гўзал, ярми хунук бўлган қавмга келсак, улар солиҳ амал билан ёмон ишни аралаштириб юборганлардир. Аллоҳ улардан ўтиб юборди», дейишди» (Бухорий ривояти).

13. Яна сизлар яхши кўрадиган бошқаси ҳам борки, бу Аллоҳдан бўлажак нусрат ва яқин фатҳдир. (Эй Муҳаммад), мўминларга хушхабар беринг.
Ҳақиқатан асл ва буюк мақсадга етишиш охиратда бўладики, бунинг олдида дунёнинг бутун бойлигию сарвати арзимас нарсага айланади. Лекин дунёда ҳам шундай қадрли нарсалар борки, мўминлар ҳамиша уларга интилиб яшашади. Булар Аллоҳ таоло томонидан кўрсатиладиган ёрдам, тезда муяссар бўлинувчи фатҳ ва У Зотнинг нусратидир. Исломнинг аввалида берилган бу ваъданинг рўёбга чиқиши бутун дунёнинг кўз ўнгида содир бўлди. Ушбу оят Қуръони каримнинг ғайбий хабарларидан бўлиб, улкан мўъжиза ҳамдир. Чунки у Маккаи мукаррама фатҳ этилишидан аввал нозил бўлган. Орадан кўп вақт ўтмай Аллоҳ таоло ушбу оятда берган ваъдасининг устидан чиқди. Унинг ёрдами келиб, Макка мусулмонлар қўлига ўтди. Сўнг тезда бутун Арабистон яриморолига Ислом дини тарқалди.

14. Эй имон келтирганлар, Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинглар! Исо ибн Марям ҳаворийларга: «Кимлар Аллоҳ учун менинг ёрдамчиларим бўлади?» деганида ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз», дейишди. Шунда Бани Исроилдан бир тоифа имон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Биз имон келтирганларга уларнинг душманларига қарши ёрдам бердик ва улар устун бўлишди.
“Ҳаворий” сўзи луғатда «холис, яқин, ишончли дўст, оқ ранг» деган маъноларни билдиради. Истилоҳда Исо алайҳиссаломнинг даъватларига лаббай, деб жавоб берган издошлари, шогирдлари «ҳаворийлар» деб аталади. Ҳазрати Исога эргашган ҳаворийлар аслида ўн икки балиқчи бўлган. Булардан Яҳудо (Шамъун) кейинчалик пайғамбарга хиёнат қилган: Исо алайҳиссаломни қўлга олмоқчи бўлган яхудийларга ўттиз танга пора эвазига пайғамбар турган жойни кўрсатиб берган. Аллоҳтаоло бу ояти каримада мусулмонларни Ислом динига хизмат қилишга чақирмоқда ва бу хизматни «Аллоҳга ёрдамчи бўлиш» деб атамоқда. Бу ишда Исо алайҳиссаломнинг яқин ёрдамчилари бўлмиш ҳаворийлардан ўрнак олиш кераклиги уқтирилмоқда. Демак, ким динга хизмат қилса, диний ишларда ёрдам берса, бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзига ёрдам берган бўларэкан. Бу муборак даъватга лаббай деб жавоб берган асри саодатдаги бир гуруҳ мадиналик мусулмонлар “ансорийлар”, яъни ёрдамчилар деган ном билан шарафланишди. Ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга, у зот орқали Аллоҳнинг динига фидокорлик билан хизмат қилган эдилар ва алал-оқибат кофирлар устидан ғолиб бўлишди. Мадиналик ансорлар ҳам Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом бошчиликларида Маккадан кўчиб келган муҳожирларга катта ёрдам кўрсатиб, Ислом динининг ғалаба қозонишига улкан ҳисса қўшишди ва ўз шаҳарларида илк Ислом давлатини барпо этишди. Ушбу ояти каримадан аён бўладики, агар бандалар Аллоҳ таолонинг дини йўлида фидокорлик кўрсатиб, унинг равнқ топишига қўлларидан келган ёрдамларини беришса, ўз навбатида Аллоҳ таоло уларни ҳам доимо қўллаб-қувватлар, нусрат ва зафар ато қилар экан. Аллоҳ таоло барчаларимизни фақат Ўзининг розилиги учун, Ўзининг дини йўлида хизмат қиладиган ёрдамчилардан бўлишга муяссар айласин, омин!

Орқага Олдинга