loader

060. Мумтаҳана сураси

Мадинада нозил бўлган, 13 оятдан иборат

“Мумтаҳана” сўзи луғатда «имтиҳон қилинувчи аёл» маъносида, Мумтаҳина деб ҳам аталади, Қуръони каримнинг олтмишинчи сураси номи, Мадинада нозил қилинган, 13 оятдан иборат. Бошқа маданий суралар каби Мумтаҳана ҳам шариат ҳукмлари ҳақида сўз юритади. Сура мўминларга Аллоҳнинг ҳам, ўзларининг ҳам душманлари бўлган мушриклар билан дўстлашмасликни буюриш билан бошланиб, сўнгра бу ҳақда Иброҳим алайҳиссалом, у зотнинг тобеълари тарихида ибрат олса арзийдиган гўзал намуна борлиги таъкидланади. Сура давомида мусулмонларга қарши урушмаётган ҳамда уларнинг зиёнларига ўзгалар билан тил бириктирмаётган ғайридинлар билан алоқа-муомала тузиш дуруст экани ҳам маълум қилинади. Сурада мўминларга мушриклар қўлидан қочиб, Мадина-га ҳижрат қилиб келган ва ўзларининг мўмина эканларини билдирган аёлларнинг имонларини имтиҳон қилиб кўриш буюрилгани учун у шундай ном олган.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Эй имон келтирганлар! Менинг ҳам душманим, сизларнинг ҳам душманингиз бўлганларни дўст тутманглар. Сизлар уларга дўстлик хабарини юборасизлар, улар эса сизларга келган ҳаққа куфр келтиришади. Парвардигорингиз Аллоҳга имон келтирганингиз учун Пайғамбарни ва сизларни ҳайдаб чиқаришади. Менинг йўлимда жиҳод қилиб ва розилигимни истаб чиққан бўлсангиз-да, уларга пинҳона дўстлик қиласизлар. Ҳолбуки, нимани яшираётганингизнию, нимани ошкор қилганингизни яхши биламан. Сизлардан ким буни қилса, ҳақиқатан тўғри йўлдан адашибди.
Ҳижратдан сўнг Мадинаи мунавварада Ислом жамияти шакллангач, мусулмонлар бошқалардан ажралган ҳолда ўзларига хос қонун-қоидалар асосида яшай бошлашди. Янги жамият бўлганидан кейин албатта унинг шарклланиши жараёнида турли тўсиқ ва муаммоларнинг келиб чиқиши табиий. Масалан, ушбу сура “кимни дўст, кимни душман тутиш керак, бошқа диндагилар билан қандай муносабат ўрнатиш лозим, айниқса, аёллар масаласига қандай ёндашиш керак бўлади, эркаклар хусусида тузилган шартномага аёллар ҳам қўшиладими ёки уларга ўзига хос муомала қилинадими” каби саволларга жавоб беради. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларига хитоб қилганида етказаётган хабарининг ўта муҳимлигини таъкидлаш ва унга мусулмонларнинг рағбатини кучайтириш учун “Эй имон келтирганлар” ибораси билан мурожаат қилмоқда. Аллоҳ таоло айтяптики, эй мўминлар, Менинг ҳам, сизларнинг ҳам душманларингиз бўлган кофир ва мушрикларни дўст тутманглар, сизлар улар билан дўстлашиш учун хабар юборяпсизлар, ваҳоланки, улар Аллоҳнинг динига ва Китобига куфр келтиришган. Улар сизларга дўстликка арзимайди, Аллоҳнинг Пайғамбарини, унга эргашган мусулмонларни ерларидан ҳайдаб чиқаришган. Менинг розилигимни истаб, жиҳодга чиқсангиз ҳам улар билан пинҳона дўстлашмоқчи бўласизлар. Сизларнинг хоҳ пинҳон, хоҳ ошкора қилаётган ҳамма ишларингизни билиб тураман, агар бирортангиз бу ишни қилсангиз, у тўғри йўлдан адашган бўлади.
Ҳақиқатан ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг ва мўминларнинг умумий душмани бўлган кофир ва мушрик кимсалар билан дўстлашмаслик, уларга сирларини айтмасликка буюрар экан, уларнинг Аллоҳдан келган Ҳаққа, яъни Исломга ва Қуръонга куфр келтирганлари сабабли улар дўст бўлишга арзимаслигини алоҳида уқтиради. Ҳақиқатан, Макка мушриклари мусулмонларнинг бошига таърифларга сиғмайдиган хорлик, озор ва азобларни солишди. Аллоҳга имон келтиришгани учун Пайғамбарни ҳам, мусулмонларни ҳам туғилиб-ўсган шаҳарларидан қувиб чиқаришди, мол-мулкларини тортиб олишди, кейинчалик ҳам ҳамиша уларнинг жони ва молига хавф солиб туришди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом Мадинага кўчганларидан кейин Ҳудайбияда маккаликлар билан сулҳ тузганларидан кейин орадан икки йил ўтиб маккаликлар бу сулҳни бузишди. Уларнинг бундан кейин ҳам тинчлик бермаслигини сезган Пайғамбар алайҳиссалом махфий суратда лашкар тўплаб, Маккани фатҳ этишга қарор қилдилар. Бу режа душман тарафга етиб қолмаслиги учун уни қаттиқ сир тутдилар. Аммо шу орада Бадр аҳлидан бўлган саҳоба билан бир воқеа содир бўлдики, Аллоҳ азза ва жалла ушбу ояти каримасини нозил қилди.
Алий розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўлга тушинглар. Хоҳ боғига борсангиз, у ерда кажавада кетаётган аёл бор. Унда бир мактуб бор. Ўшани ундан олинглар» деб, мени, Зубайрни ва Миқдод ибн Асвадни юбордилар. Биз жўнаб кетдик. Отларимиз олдинма-кетин чопиб борар эди. Ниҳоят, боққа етиб бордик. Қарасак, кажавада бир аёл. «Мактубни чиқар», дедик. У: «Менда ҳеч қандай мактуб йўқ», деди. «Ё мактубни чиқарасан, ё кийимларингни ечишга мажбур бўламиз», дедик. Шунда уни соч турмакларидан чиқариб берди. Мактубни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келдик. Қарасак, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ишларидан хабар бериш учун Ҳотиб ибн Балтаъадан маккалик мушриклардан бир нечасига ёзилган экан. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ҳотиб, бу нимаси?» дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга қарши (чора кўришга) шошилмай туринг. Мен Қурайшга боғлиқ бўлиб қолган одамман, асли улардан эмасман. Сиз билан бирга бўлган муҳожирларнинг Маккада яқинлари бор, ўшалар орқали аҳллари ва молларини ҳимоя қилишади. Уларга насабдошлигим бўлмагач, уларга яхшилик қилиб қўйиб, шу туфайли яқинларимни ҳимоя қилишларини истадим. Мен буни куфр келтириб, муртад бўлиб ёки мусулмон бўлгандан кейин куфрга рози бўлиб қилганим йўқ», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аниқки, бу сизларга рост гапирди», дедилар. Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга қўйиб беринг, бу мунофиқнинг бўйнини чопиб ташлай!» деди. У зот: «У Бадрда қатнашган. Қаердан биласан, эҳтимол, Аллоҳ Бадр аҳлига қараб: «Хоҳлаганингизни қилаверинг, сизларни мағфират қилдим», дегандир», дедилар» (Бухорий ривояти).
Алий ибн Аҳмад Найсобурийнинг “Асбабун-нузул”ида зикр қилинишича, муфассирлар жамоаси шундай деган: “Бу оят Ҳотиб ибн Балтаъа ҳақида нозил бўлган. Абу Умар ибн Суҳайб ибн Ҳишом ибн Абдуманофнинг озод қилган чўриси Сора Маккадан Мадинага келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанда Макка фатҳига тайёрланаётган эдилар. Унга: “Мусулмон бўлиб келдингми?” дедилар. У: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ: “Унда нега келдинг?” дедилар. У: “Сизлар яқинларим, қариндошларим ва хожамсиз. Жуда муҳтож бўлиб қолдим. Менга бирор нарса берарсизлар, кийинтирарсизлар, деган ниятда олдингизга келдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка аҳлига хизмат қилмаяпсанми?” дедилар. У қўшиқчи аёл эди. У: “Бадр жангидан кейин мендан ҳеч ким ҳеч нарса талаб қилмади”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Абдулмутталиб ва Бани Мутталибни уни кийинтиришга ундадилар, улар уни кийинтиришди, улов ва бошқа нарсалар беришди. Шунда Ҳотиб ибн Балтаъа унинг олдига келиб, ундан Макка аҳлига хат ёзиб, етказиши учун унга ўн динор ҳам берди. Хат қуйидагича эди: «Ҳотибдан Макка аҳлига. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларни кўзлаб йўлга чиқяптилар. Эҳтиёт бўлинглар».
Сора кетди. Жаброил алайҳиссалом тушиб, Ҳотибнинг қилган ишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али, Аммор, Зубайр, Талҳа, Миқдод ибн Асвад ва Абу Марсадларни аёлнинг ортидан юбордилар. Барчалари отда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хоҳ боғига боринглар. У ерда улов устидаги тахтда бир аёл кетяпти. Унда Ҳотибннг мушрикларга ёзган хати бор. Хатни ундан олиб, ўзини қўйиб юборинглар. Агар бермаса, ўлдиринглар”, дедилар. Улар бориб, ўша жойда аёлни топишди ва: “Хат қани?” дейишди. У Аллоҳ номига қасам ичиб: “Хат йўқ”, деди. Унинг матоларини тинтиб, ҳеч қандай хат топишмади. Қайтмоқчи бўлишганида Али: “Аллоҳга қасамки, ёлғон гапирмадик ва бизга ҳам ёлғон гапирилмади, алдамаймиз ҳам, алданмаймиз ҳам”, деб қиличини сермади. “Хатни чиқар, агар чиқармасанг, Аллоҳга қасамки, сени сўйиб ташлайман”, деди. Унинг қатъиятини кўриб, аёл сочлари орасидан хатни чиқарди. Уни қўйиб юборишиб, хатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келтириб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳотибни чақиртирдилар ва: “Хатни танийсанми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун бундай қилдинг?” дедилар. Шунда у: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, Исломга кирганимдан бери кофир бўлмадим. Сизга холис турганимдан бери сизни алдамадим. У (мушриклардан) ажралганимдан бери уларни яхши ҳам кўрмадим. Лекин барча муҳожирларнинг Маккада қариндошларини ҳимоя қиладиган кишилари бор. Мен маккаликлар орасида ғариб эдим. Аҳлим эса уларнинг олдида қолган. Аҳлимга (бирор зарар етказишларидан) қўрқдим ва (мушриклардан) суянчиқ топишни хоҳладим. Билдимки, Аллоҳ уларга офатини юборади. Менинг хатим эса уларга ҳеч нарсада асқатмайди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рост гапираётганини тасдиқладилар ва узрини қабул қилдилар. Шунда мазкур оят нозил бўлди. Кейин Умар ибн Хаттоб туриб: “Уни менга қўйиб беринг, эй Аллоҳнинг Расули, бу мунофиқнинг бўйнига урай (ўлдирай)”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Умар, сен қаердан ҳам билардинг, балки Аллоҳ Бадр аҳлларини билиб туриб: “Хоҳлаган амалларингизни қилаверинглар, дарҳақиқат, мен сизларни кечирдим”, дегандир”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).

2. Агар улар сизлардан устун келишса, сизларга душман бўлишади ва сизларга ёмонлик билан қўлларию тилларини чўзишади. Яна улар сизларнинг кофир бўлишингизни хоҳлашди.
Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтяптики, мушриклар устингиздан ғолиб келишса, сизларга душманлик қилишга ўтишади, қўлларию тиллари билан сизларга ёмонлик қилишга ўтишади. Яъни, қўллари билан сизларга қарши жанг қилишса, тиллари билан сизларнинг ҳақингизга турли туҳмат-иғволар қилиб, бадном этишга уринишади. Сизларнинг айримларингиз эса, кофир ва мушрикларни дўст тутиб, улардан яширилиши зарур бўлган сирларни уларга етказишяпти. Ҳолбуки, улар мўминларга асло дўст бўлишмайди. Ҳолатлари танг, қўллари калта бўлиб турганидагина ўзларини дўст каби тутиб, ёмонлик қилмай туришади. Қўллари баланд келиб, устунликлари аниқ бўлиши билан қўллари ва тиллари ёрдамида албатта сизларга ёмонлик қилишга ўтишади. Шунинг учун мўминлар улар билан муносабатларда жуда ҳушёр, эътиборли бўлишлари, ўзларига маълум бўлган сирларни уларга ошкор қилмасликлари лозим. Чунки кофир ва мушриклар ҳеч қачон мўминларга дўст бўлишмайди, агар сизлар ҳам кофир бўлсангизгина улар дўстлашишлари мумкин. Сизлар уларга ҳар қанча яхшилик, мурувват қилсангиз ҳам улар бунинг қадрига етишмайди, яхшилигингизни билишмайди. Аввалги замонларда ҳам шундай бўлган, ҳозирда ҳам шундай кечмоқда. Ушбу ҳақиқатни Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, қиёмат кунига имон келтирган ҳар бир банда яхшилаб тушуниб олиши керак.

3. Қиёмат куни қариндошларингиз ва фарзандларингиз сизларга ҳаргиз фойда бера олишмайди ва У ораларингизни ажратиб қўяди. Аллоҳ қилмишларингизни кўриб турувчидир.
Юқоридаги оятда зикри келган Ҳотиб ибн Балтаъа бола-чақасини, қариндошларини ўйлаб, мўминларнинг сирини маккалик мушрикларга етказишга ҳаракат қилган эди. Ушбу ояти карима эса унинг бу ишини маломат қилиб, қариндош-уруғ, бола-чақани ўйлаб динга зарар келтирадиган ишларни қилиш имондан эмаслигини таъкидлайди. Ҳотиб бу қалтис ишга Маккада ҳимоясиз қолиб кетган ўз аҳли аёлининг фойдасини кўзлаб қўл урган эди. Кейин тушунса, у ўзининг бу қилмиши билан бола-чақасининг тинчлигини ўйлаб, мусулмонларнинг пинҳон тутилиши керак бўлган сирини душман томонга етказишга уринган экан. Шунинг учун оятда барча мусулмонларга танбеҳ бериб айтиладики, бола-чақа ҳам, қариндош ва яқинлар ҳам қиёмат куни ҳеч қандай фойда бера олмайди. Аллоҳ таоло ҳамманинг нима қилаётганини кўриб туради ва шунинг учун барчанинг қилган амалига қараб му-кофот ёки жазо беради. Бундан ҳеч нарса эътиборсиз қолмайди, амалларнинг зарраси ҳам ҳисобга олинади. Қиёмат куни Парвар-дигор ҳукм қилганида Унинг ҳукмини ота ҳам, фарзанд ҳам, бошқаси ҳам инкор қила олмайди.

4. Сизларга Иброҳимда ва у билан бирга бўлганларда гўзал намуна бор. Улар ўз қавмига: «Бизнинг сизларга ва Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган нарсаларингизга алоқамиз йўқ, сизларни инкор қилдик, энди то ягона Аллоҳга имон келтирма-гунингизча сизлар билан бизнинг орамизда доимий адоват ва нафрат пайдо бўлди», дейишди. Аммо Иброҳимнинг отасига айтган «Сен учун мағфират сўрайман, аммо Аллоҳдан бўладиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман» деган сўзи мустасно. «Парвардигоримиз, Сенгагина таваккул қилдик, Сенгагина тавбалар қилдик ва қайтиб бориш фақат Сенгадир».
Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали мўминларни оталари Иброҳим алайҳиссаломга, у киши билан Аллоҳга имон келтирган имонли кишиларга эргашишга чақирмоқда ва уларда мўминлар учун гўзал намуна борлиги хабарини бермоқда. Маълумки, Иброҳим алайҳиссаломга ва у кишига эргашган мўминларга қавмлари кўп озор етказишган. Динга узоқ даъват этишларига қарамай, улар куфрда қолаверишган. Боз устига, Иброҳим алайҳиссалом уларнинг бутларини синдирганлари учун Аллоҳнинг пайғамбарини оловда ёқиб ўлдиришга ҳаракат қилишган. Иброҳим алайҳис-салом ва у кишига эргашган мўминлар эса қариндошлик ва оилавий алоқалардан кўра имон алоқасини, имон биродарлигини устун қўйишган. Дин йўли билан қариндош-уруғчилик ва оилавий манфаатлар тўқнашганда ҳеч иккиланмай дин ишларини танлашган. Шунинг учун ҳам улар кофир қавмга шижоат билан: “Биз сизларнинг сиғинаётган бутларингиздан безормиз, сизларни ҳам, сохта “илоҳ”ларингизу бутларингизни ҳам радинкор қиламиз. Муносабатларимизни мана шу тарзда қўйиб, то сизлар куфрни ташлаб, ягона Аллоҳга имон келтирмагунларингча сизлар билан душманлик ва адоватда қоламиз”, дейишди.
Оятнинг давомида айтиляптики, эй мўминлар, оталарингиз Иброҳим ва у билан бирга бўлган мўминларнинг мушриклардан, уларнинг ширкидан безорликлари сизларга ибрат бўлсин, аммо Иброҳимнинг ўз кофир отаси учун истиғфор сўраб қилган дуосига эргашманглар, чунки бу унга берган ваъдаси туфайли эди. Иброҳим алайҳиссалом фарзандлик бурчига биноан отасига Аллоҳдан мағфират сўраганлар, унинг имонга келмаганини кўргач эса, Аллоҳдан бўладиган бирор нарсани қайтаришга қодир эмасман”, деб қўшиб қўйганлар. Шундан кейин Иброҳим алайҳиссалом билан у кишига эргашган мўминларнинг шу ҳодисадан кейин Аллоҳтаолога қилган илтижолари келтирилади: «Парвардигоримиз, барча ишларимизда фақат Ўзинггагина таваккул қилдик-суяндик. Гуноҳларимизга тавба қилиб, фақат Ўзинггагина юзландик ва охиратда ҳам қайтиб борадиган жойимиз фақатгина Сенинг даргоҳингдир». Дуонинг давоми келаси оятда ҳам келади:

5. «Парвардигоримиз, бизларни кофирларга фитна қилиб қўймагин ва бизларни магфират қил. Парвардигоримиз, Сен қудратлисан, ҳикматлисан».
Иброҳим алайҳиссалом ва у кишига эргашган мўминлар яна Парвардигорларига шундай мазмунда дуо-илтижо қилишди: “Эй Парвардигоримиз, бизларни кофирларга алданувчи-мафтун қилиб қўймагин ва гуноҳларимизни кечир. Чунки Сен қудратли ва ҳикматли, гуноҳларни кечирувчи Зотсан”. Оятдаги «фитна» сўзи бир неча хил маънода, жумладан, синов, азоб, адашув, мафтун ва куфр маъноларида ишлатилади. Шунга кўра, оят бир неча хил маънони англатиши мумкин: 1) кофирларга мафтун қилиб, алдантириб қўймагин; 2) бизни кофирларнинг йўлдан тойишларига сабабчи қилиб қўйма; 3) кофирлар қўлида азоблантириб қўйма; 4) уларни устимизга ҳоким қилиб қўймаки, бизларни диндан чиқармасинлар.

6. Дарҳақиқат, Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умидвор бўл-ганлар учун уларда гўзал намуна бордир. Ким юз ўгириб кетса, Аллоҳ беҳожатдир, мақталгандир.
Яъни, эй мўминлар, сизлар учун оталарингиз Иброҳим алайҳис-салом ва у кишига имон келтирган мўминларда гўзал намуна бордир. Улардан бу дунёю у дунёда Аллоҳ таолодан яхшилик умид қилганлар ўрнак олишади. Бундан фақат Аллоҳ таолога рўбарў бўлиш, Унинг розилигини топиш ҳамда ажр-савобга эришишни истаган одамларгина фойдаланишади. Агар ким бундан юз ўгирса, ўгираверсин, бу фақат ўзига зиён бўлади. Аллоҳнинг бирор жойи камайиб қолмайди. Чунки У бандаларига ҳожати тушмайдиган, шундай ҳам мақтовларга сазовор Зотдир. Аллоҳ таоло бежизга одамларни Иброҳим алайҳиссалом ва у кишининг издошларига эргашишга чақирмаяпти. Чунки уларнинг имони қувватли, диндаги ғайратлари кучли, ўз эътиқодларида субутли, мушриклар ва уларнинг ширкидан безор бўлган саодатманд кишилар эди.

7. Ажаб эмаски, Аллоҳ сизлар билан улар ичидаги душманларингиз ўртасида дўстлик пайдо қилса! Аллоҳ ўта қодирдир ва Аллоҳ кечирувчидир, раҳмлидир.
Юқоридаги ояти каримани ўрганган айрим кишиларда «Бошқа диндагилар билан умуман алоқа қилиб бўлмас эканда», деган фикр пайдо бўлиб қолиши мумкин. Ушбу ояти карима ана шундай фикрларни рад этиш учун нозил қилинган. Аллоҳ таоло шундай таълим беряпти: ажаб эмаски, яқин орада Аллоҳ сизлар билан улар ичидаги душманларингиз ўртасида дўстлик пайдо қилиб қўйиши ҳам мумкин. Аллоҳ таолодан «ажаб эмаски» калимаси содир бўлса, бу воқеъликда албатта содир бўлади. Бу ваъда Маккаи мукаррама фатҳ қилиниши билан амалга ошди. Мушриклар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг динига кирдилар ва мусулмонлар билан дўст-биродар бўлдилар. Қалбларидаги душманлик туйғулари ҳам кўтарилиб кетди. Макка мушрикла-ри билан мусулмонлар ўртасида йигирма йил давом этган «Ислом - мушрик» даъволашуви ҳижрий 8 йилнинг 10-рамазон куни (милодий 630 йил 10 январ)да ниҳоясига етди, шу куни Маккани музаффар Ислом қўшинлари фатҳ этишди. Ҳудайбия сулҳини бузган қурайшийлар мусулмонлар ҳимоясидаги Ҳузоа қабиласига ҳужум уюштиришди. Бундан аввал ҳам улар мусулмонларга кўп зарар етказишган, Исломни йўқотиш учун Мадинага уч марта ҳужум қилишган эди. Энди ёвузликни жазолаш вақти келган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазоннинг ўнинчи куни ўн минг кишилик муаззам бир қўшин билан Макка сари юриш қилдилар. Йўл-йўлакай кўпайиб борган қўшин ўн кундан сўнг жумада Маккага кириб борди. Пайғамбар алайҳиссалом туя устида Каъбани тавоф қилдилар, Каъба ичидаги 360 та бут синдирилди, Каъба устида Билол Ҳабашийнинг азони янгради. Макка фатҳи тавҳид эътиқоди ғалабаси, куфр мағлубига сабабчи Буюк Ислом инқилоби бўлиб тарихга кирди. Милодий 622 йили икки туя, тўрт кишилик гуруҳ билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилган Расулуллоҳ орадан саккиз йил ўтиб ўн икки минг кишилик қўшин билан ўз она шаҳарларини мушриклардан халос этдилар.

8. Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик қилишдан ва адолатли бўлишдан Аллоҳ сизларни қайтармайди. Аллоҳ адолат қилувчиларни албатта яхши кўради.
Яъни, ояти карима агар мусулмонларга қарши диний адоват билан уруш очишмаса, уларни қийин-қистовга ва таъқибга олиб, яшаб турган ватанларидан ҳайдаб чиқармаса, шундай бошқа миллат ва дин вакиллари билан яхши муносабат ва алоқалар ўрнатишга, уларга нисбатан адолатли бўлишга чақирмоқда. Аллоҳ таоло айтяптики, эй мусулмонлар, Парвардигорингиз бошқа ақида ва диндаги одамлар билан алоқа ўрнатишингизни тақиқламайди. Гарчи улар сизлар билан диндош бўлишмаса-да, уларга ёмонлик, душманлик қилманглар. Аксинча, улар билан эзгу ва адолатли муносабатлар ўрнатишингиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло адолат қилувчиларни яхши кўради. Ушбу ҳукм Ислом динининг нақадар инсонпарвар ва кенгбағир дин эканини исботлаб турибди. Бу дин бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни ман қилмайди. Мусулмонларнинг аҳли китоблар, яъни насроний ва яҳудийлар билан қандай муносабатда бўлишлари кераклиги борасидаги ушбу умумий қоидага қўшимча равишда Ислом шариати улар билан энг чиройли йўсинда мужодала-мунозара қилишга чақиради. Имкони борича улар билан дўстона алоқаларни давом эттиришга ундайди.

9. Сизлар билан дин борасида урушган, сизларни диёрингиздан қувиб чиқарган ва чиқарилишингизга ёрдам берган-ларнигина дўст тутишдан Аллоҳ қайтаради. Ким улар билан дўстлашса, айнан ўшаларгина золимлардир.
Агар қайсидир тоифалар томонидан мусулмонларга бирор душманлик, зиён-заҳмат ёки зулм етказилса, Аллоҳ ана шундагина уларга яхшилик қилишдан, ўзаро алоқага киришишдан қайтаради. Улар агар мусулмонларга душманлик қилишаркан, мусулмонлардан бирор киши ҳам улар билан ҳамкорлик қилмасин, агар шундай қилишса қаттиқ азобга мубтало бўлувчи золимга айланади. Демак, ким мусулмонларга диний адоват туфайли уруш очса, уларни яшаб турган диёрларидан ҳайдаб чиқарса ёки душманларига уларни диёрларидан чиқаришда ёрдам берган бўлса, албатта бундай кишиларни дўст тутиб бўлмайди.
Юқоридаги икки оятнинг маъносига эътибор қаратинг: уларда мусулмонларнинг бошқа ақида, дин эгалари билан қандай алоқа ўрнатишлари лозимлиги аниқ-равшан баён қилиб берилган. Биринчи оят мусулмон бўлмаганлар агар мусулмонларга ёмонлик қилишмаса, улар билан дўстона алоқалар ўрнатишга даъват этяпти. Иккинчи оят эса, мусулмонларга ёмонлик, зиён-заҳмат етказишса, улар билан алоқани узишга чақирмоқда. Бу умумий инсоний қоидадир.

10. Эй имон келтирганлар! Сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келишса, уларни имтиҳон қилинглар. Аллоҳ уларнинг имонларини яхши билади. Агар уларнинг мўминалигини билсангиз, уларни кофирларга қайтариб юборманг, булар уларга ҳалол эмас ва улар ҳам буларга ҳалол эмас. Уларга сарфлаганларини (эрларига) қайтаринглар. Агар маҳрларини бериб, уларни никоҳингизга олсангиз, сизларга гуноҳ бўлмайди. Сизлар ҳам кофираларни ушлаб турманглар. Берган маҳрларингизни талаб қилинглар, улар ҳам сарфлаганларини талаб қилишсин. Бу сизларга Аллоҳнинг ҳукмидир, У ораларингизда ҳукм қилади. Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир.
Ҳудайбия сулҳининг бир бандида: «Агар биздан сенга (эй Муҳаммад,) бирор киши борса (сенинг динингда бўлса ҳам), бизга қайтарасан», дейилган эди. Бошқа бандлар қатори, бу бандга ҳам амал қилиб турилди. Лекин вақт ўтиши билан янги масала пайдо бўлди. Мушриклар томондан аёллар ҳам Исломни қабул қилгач, Маккадан Мадинага кўчиб кела бошлашди. Сулҳда аёллар зикр қилинмаган эди. Умумий бандга биноан, уларни ҳам эркакларга ўхшаб қайтариб юборишнинг эса имкони йўқ, чунки аёллар табиатан ожиз, нозик бўлганлари учун қийноқларга чидай олмайдилар. Умму Кулсум бинти Уқба исмли аёл Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб келганида унинг акалари Аммор билан Валид Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, уни қайтаришни талаб қилишади. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилиб, бу масаладаги барча ҳукмларни баён этади.
Аллоҳ таоло мўминларга шаҳарларига кўчиб келган аёлларни имтиҳон қилиб, синаб кўришни буюрмоқда. Ҳолбуки Аллоҳ улар қалбидаги имонни яхши билади. Агар уларнинг имони аён бўлса, аёлларни кофир эрларига қайтариб юборманглар, чунки мўминалар уларга ҳаром бўлгани каби куфрдаги эрлар ҳам мўминаларга ҳаромдир. Кофир эрларнинг мўминаларга берган маҳрларини эрларига қайтариб беринглар, ҳижрат қилиб келган мўминаларни бошқатдан маҳрларини бериб, никоҳга олиш сизларга гуноҳ бўлмайди. Сизлар ҳам кофираларни қўлидан тутиб турманглар, улардан маҳрларингизни талаб қилиб олинглар, уларнинг ҳаққи сизларга ўтган бўлса, сизлардан талаб қилиб олишсин. Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг ҳукмларидир. Ушбу ояти карима нозил бўлгунга қадар мусулмонлардан баъзилари мушрика хотинлари билан бирга яшашаётган эди. Оят нозил бўлгандан сўнг уларни талоқ қилишди. Бундай ҳолатда, яъни мусулмон киши мушрика аёли билан ажрашадиган бўлса, берган маҳрини қайтариб олиши мумкинлиги, шунингдек, муслима хотин мушрик эридан ажрашиб, ўз диндошларига қўшилиб кетса, олган маҳрини қайтариб бериши лозимлиги аён бўлади. Абу Насрдан қилинган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «Расулуллоҳ аёлларни қандай имтиҳон қилганлар?» деган саволга шундай жавоб берган: “У зот алайҳиссалом аёлларни: «Аллоҳга қасамки, эримни ёмон кўриб чиққаним йўқ», «Аллоҳга қасамки, ер-жойга рағбат қилиб чиққаним йўқ», «Аллоҳга қасамки, мол-дунё орзусида чиққаним йўқ», «Аллоҳга қасамки, фақат Аллоҳга ва Пайғамбарга муҳаббат билан чиқдим» деб айтишларини сўраб, имтиҳон қилганлар».
Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳудайбияда сулҳ тузишган эди. Унга кўра Макка аҳлидан ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келса, у зот уни маккаликларга қайтариб берадилар. Саҳобалардан ким Макка аҳлига бориб қўшилса, у ўша ерда қолади. Шу шартлар билан сулҳни тузиб, муҳрлашди. Сулҳ ёзиб бўлинганидан кейин Сабиъа бинти Ҳорис Асламия келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали Ҳудайбияда эдилар. Унинг кофир эри келиб: “Эй Муҳаммад, хотинимни менга қайтар, сен биз билан ким сенга биз томондан (мусулмон бўлиб, қочиб) келса, қайтариб беришга шартлашгансан. Мана ёзилган сулҳ, ҳали қуригани ҳам йўқ”, деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”; Зуҳрий айтади: “Урва ибн Зубайрнинг олдига кирдим. У Аллоҳнинг сўзи ҳақида сўраб Валид ибн Абдулмаликнинг соҳиби Ибн Ҳиндга хат ёзаётган эди: «Ҳудайбия кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш билан ким хожасининг изнисиз у кишининг олдига келса, қайтариб беришга сулҳ туздилар. Энди аёллар ҳижрат қилиб келишганида улар имтиҳон қилинганларидан кейин мушрикларга қайтариб беришга Аллоҳ йўл қўймади. Имтиҳондан кейин ўша аёлларнинг Исломни хоҳлаб келганлари билинса, қочиб келган мўминалар мушрикларга қайтишни исташмаса, мушрикларга уларнинг маҳрларини қайтариб беринглар. Мусулмонларнинг аёллари кофирлар билан қолишни хоҳлашса, мусулмонларга мушриклар уларнинг маҳрларини беришади. Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. Ораларингизда фақат Аллоҳ ҳукм қилади. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни олиб қолдилар, қайтармайдилар. Қочиб келган мусулмон эркакларни қайтариб бердилар». Оятдаги “Бу сизларга Аллоҳнинг ҳукмидир” жумласигача маҳрни қайтариб беришга оид ҳукмлар мансух бўлган, яъни амалдан қолдирилган.

11. Агар аёлларингиздан бирортаси кофирларга ўтиб кетса, улар билан урушда туширилган ўлжадан хотинлари кетиб қолганларга уларнинг харажати миқдорини беринглар. Ўзлариингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар.
Ушбу ояти карима “Мусулмон кишининг хотини диндан қайтиб, муртад бўлган ҳолида кофирлар тарафга ўтиб кетса, нима қилиш керак?” деган саволга жавоб беради. Бундай ҳолатда кофирлар билан урушда қўлга туширилган ўлжадан хотинлари муртад бўлиб кетиб қолганларга улар хотинларига сарфлаган харажат миқдорича мол бериш керак бўлади. Аллоҳ таолонинг мусулмон бўлиб, мусулмонларнинг никоҳига ўтган аёлларнинг кофир эрларига харжлаган молларини қайтариб бериш ҳақидаги хукмларини мусулмонлар сўзсиз бажаришга киришган бўлсалар-да, кофирлар бунга амал қилмади. Шунда яна ушбу оят нозил бўлиб, мусулмонларнинг бирорта хотини кофирлар томонга ўтиб кетса, уни ўз никоҳига олган кофир кимса уйланган аёлининг маҳрини қайтармаса, мусулмоннинг ҳаққи урушда ўлжага тушган молдан қопланади. Яна баъзи уламолар шундай дейишган: “Қайси бир кофирнинг мусулмон хотинини бошқа бир мусулмон олмоқчи бўлса, бу хотиннинг аввалги маҳри хотини кофирлар томонга кетиб қолган мусулмонга берилсин, кофир эрига берилмасин”.
Ибн Ҳишомнинг “Ас-Сийратун-Набавийя” китобидан Ибн Исҳоқдан шундай ривоят келтирилади: “Мен Зуҳрийдан ушбу оят ҳақида сўрадим. Шунда у: “Агар сизлардан бирортангизнинг хотини кофирлар томонига кетиб қолса ва сизлар берган маҳр миқдорида маҳр олишингиз учун бирор аёл келмаса, бу одамга маҳр эвазига ўзларингиз оладиган ўлжадан беринглар”, деганидир”, деди” (“Ас-Сийратун-Набавийя”, иккинчи жилд, 202-бет).

12. Эй Пайғамбар! Агар мўминалар олдингизга келиб, Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, фарзандларини ўлдирмаслик, қўл ва оёқлари орасидан бўҳгон тўқиб келтирмаслик ва бирор яхши ишда исён қилмасликка сизга байъат беришса, уларнинг байъатларини олинг ва Аллоҳдан уларга мағфират сўранг. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Ушбу ояти карима орқали Ислом динида аёллларнинг тутган ўрни ҳақида сўз юртилиб, диний ишларда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари эркаклар билан бир хил экани зикр қилинмоқда. Ўшангача бирор тузум ёки дин аёлларнинг давлат бошлиғига аҳднома беришини ҳатто хаёлга ҳам келтирмасди, бирортаси аёлларга бунчалик эркинлик ва ҳукуқни бермаган эди. Байъат бериш, қасамёд этиш, аҳдлашиш Ислом раҳбарига ўзининг содиқлигини баён қилиб, ваъда беришдир. Бу иш Исломда ниҳоятда муҳим тадбир ҳисобланади. Пайғамбар алайҳиссалом олдинлари фақат эркак мусулмонлардан байъат олган эдилар, ушбу оят нозил бўлганидан сўнг аёллардан ҳам ола бошлаганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум билан Фитр намозига қатнашганман. Улар хутбадан олдин намоз ўқишар, кейин хутба қилинар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб келдилар. Қўллари билан «ўтиринглар», деб ишора қилганларини (ҳозир ҳам) кўриб тургандекман. Кейин уларнинг орасини ёриб ўтиб, аёлларнинг ёнига келдилар. Билол у зот билан бирга эди. Сўнгу зот: «Эй Набий! Агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, фарзандларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга маъруфда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, улардан байъат ол. Ва Аллоҳдан уларга мағфират сўра. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» оятини ўқидилар. Кейин оятни ўқиб бўлгач: «Сизлар ҳам шунга (байъат берасиз)ми?» дедилар. Улардан бир аёл «Ҳа!» деди. У зот: «Ундай бўлса, садақа қилинглар!» дедилар. Шунда Билол кийимини ёзиб турди. Сўнгу зот: «Келинглар, ота-онам сизларга фидо бўлсин!» дедилар. Улар тақинчоқ ва узукларни Билолнинг кийимига ташлашди» (Бухорий ривояти); Умайма бинти Роқийқа исмли аёлдан ривоят қилинади: «Аёллар билан Расулуллоҳнинг ҳузурларига байъат бериш учун келдик. У киши биздан Қуръонда келгани бўйича аҳднома олдилар. Биз у кишига: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз билан қўл олишмайсизми?” дедик. У киши: “Мен аёллар билан қўл олишмайман, бир аёлга айтган сўзим юз аёлга айтганим”, дедилар. Шуни айтиб ўтиш керакки, Пайғамбар алайҳиссалом эркак кишилардан қўл ушлашиб туриб байъат қабул қилардилар» (Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллардан байъат олар эканлар, ушбу нарсаларни бунга шарт қилдилар: “Аллоҳга ҳеч бир нарсани шерик қилмаслик, яъни Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай бут-санамлар, махлуқот ва шахсларга сиғинмаслик; ўзганинг молини ўғирламаслик; эридан бошқа билан зино қилмаслик, оч қолиши ёки фақирликдан қўрқиб болаларини ўлдирмаслик ёки жоҳилият одатига кўра қиз фарзандларини тириклай кўммаслик; қўл ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик, яъни тананинг қўл ва оёқ ўртасидаги қисми - бачадондаги ҳомиласини бошқага нисбат бермаслик, “бола сеники” деб бўҳтон тўқимаслик; Аллоҳга тоат-ибодат, солиҳ амаллар, илоҳий буйруқни бажариш ва қайтариқлардан қайтиш каби маъруф-яхши ишларда исён-итоатсизлик қилмаслик бўйича аҳдлашилди. Аёллар юқоридаги нарсаларни қилмасликка ваъда беришганидан кейингина Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг байъатларини, яъни қасамёдларини қабул қилганлар.

13. Эй имон келтирганлар! Аллоҳнинг ғазабига учраган қавмни дўст тутманглар. Кофирлар қабр эгаларидан умид узганлари каби улар ҳам охиратдан ноумид бўлишган.
Ушбу ояти каримада ҳам суранинг илк оятидаги амр такрорланмоқда: Аллоҳ таолонинг ғазабига учраган қавм билан дўст тутинманглар. Муфассирлар “Аллоҳ ғазабига учраганлар”дан мурод, мушриклар ёки яҳудийлардир, дейишган. Оятда таъкидланяптики, кофирлар ўлганларнинг қайта тирилишидан умид узганлари каби Аллоҳнинг ғазабига учраганлар ҳам охират савобидан умидларини узишган. Муфассирларнинг ёзишича, бу оят камбағал мусулмонлардан айримлари ҳақида нозил бўлган. Улар мусулмонларнинг хабарларини яҳудийларга етказишар, улар билан аралашиб-қўшилишиб юришарди. Бу амаллари билан улар яҳудийларнинг мева-чеваларидан ейишар, егуликларни қўлга киритишар эди. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг бундай қилишдан, Аллоҳнинг ғазабига учраган қавмлар билан дўстлашишдан қайтарди.

Орқага Олдинга