loader

059. Ҳашр сураси

Мадинада нозил бўлган, 24 оятдан иборат

“Ҳашр” сўзи луғатда «кўчириш, жамлаб сургун қилиш» маъноларини билдиради. Ҳашр - Қуръони каримнинг эллик тўққизинчи сураси номи, Мадинада нозил бўлган, 24 оятдан иборат. Суранинг меҳвари (асос ўқи) яҳудийлардан Бани Назир қабиласининг хиёнаткорлиги сабабли ўз диёридан сургун қилинишини, Ислом тарихида «Бани Назир ғазоти» номи билан қолган жанг тафсилотини баён қилиш атрофида айланади. Шунинг учун ҳам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу сурани «Бани Назир сураси” деб ҳам атаганлар. Сура саҳобаи киромларнинг таъриф-тавсифлари, Қуръони каримнинг қадр-мартабаси ҳақидаги оятларни ҳам ўз ичига олган. Сурада Набий алайҳиссаломнинг саҳобалари -муҳожирлар ва ансорийлар ҳамда яҳудийлар билан тил бириктирган хоин-мунофиқлар ҳақида ҳам оятлар бор.

Бисмиллаҳир Роҳманир Рохийм (Меҳрибон ва рахмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Осмонлар ва Ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этади. У қудратлидир, ҳикматлидир.
Яъни, осмонлардаги ва Ердаги, бутун борлиқдаги ҳамма нарса буюк Парвардигорлари Аллоҳ таолони улуғлаб-мақтаб, айбу нуқсонлардан поклаб ёд этади. Оятдаги «поклаб ёд этади» деб таржима қилинган «саббаҳа» сўзи “улуғлаш, поклаш ва барча нуқсонлардан холи деб ёдга олиш” каби кўпгина маъноларни англатади. Бу жумлада дунёдаги барча нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтишлари, Уни поклаб ёд этишларини таъкидламоқда. Чунки қудрати чексиз, илми ва ҳикмати беқиёс бўлган буюк яратувчи Аллоҳтаоло Ўзи яратган барча махлуқотларининг тасбеҳ айтишига, поклаб ёд этишига муносиб Зотдир.

2. У аҳли китоблардан кофир бўлганларини биринчи “тўплаш”даёқ ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарган Зотдир. (Эй мўминлар), сизлар уларнинг чиқиб кетишларини ўйламаган ҳам эдингиз. Ўзлари ҳам қалъаларини Аллоҳдан тўсиб қолади, деб ўйлашарди. Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан келди ва уларнинг қалбига қўрқинч солди. Улар уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошлашди. Эй ақл эгалари, бундан ибрат олинглар!
Яъни, Аллоҳ таоло аҳли китоблардан кофир бўлганларини, яъни Бани Назир қабиласига мансуб яҳудийларни ўз диёрлари - Ясрибдан биринчи ҳашр учун чиқарган Зотдир. Кейинроқ, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида улар иккинчи бор яшаб турган жойларидан чиқарилишган. Ўша пайтда яхудийлар ўзига яраша куч-қувватга, обрўга ва имкониятларга эга эди, ҳеч ким уларни яшаб турган жойларини ташлаб чиқиб кетади, деб ўйламас ҳам эди. Бани Назр яҳудийларининг ўзлари ҳам яшаш жойларини ташлаб чиқиб кетиш ниятидан йироқ эдилар. Улар мустаҳкам қалъаларимиз ичида Аллоҳнинг азобидан омонда қоламиз деб ўйлашарди. Аллоҳ таоло уларнинг Пайғамбар алайҳиссаломга хиёнати эвазига қалбларига шунчалар қўрқинч солдики, уйлари мусулмонларга қолиб кетмаслиги учун ўзлари уларни буза бошлашди, бутун қолганлари ҳам мусулмонлар томонидан қилинган қамал чоғида вайрон бўлди. Демак, ҳар қандай мустаҳкам қалъалар ҳам, бошқа нарсалар ҳам Аллоҳнинг азобидан асраб қололмайди, бу ҳолатдан ақл эгалари ибрат олишсин!
Ислом дин сифатида янги жорий этила бошлаган дастлабки пайтларда яхудийлар Ясриб (Мадинаи мунавваранинг аввалги номи) шаҳрида, шунингдек, Хайбар, Фадак ва бошқа шаҳарларда истиқомат қилишарди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан ҳижрат қилиб, Ясрибга келганларидан сўнг улар билан қўшни бўлиб яшай бошладилар. Ўша пайтда яҳудийлар уч қабиладан: Бани Қайнуқоъ, Бани Назир ва Бани Қурайзадан иборат эди. Ҳашр сураси мана шу уч тоифадан бири - Бани Назир қабиласининг Ясрибдан чиқарилиши қиссасини зикр қилади. Ҳашр сурасида Аллоҳ таолонинг улардан олган интиқоми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қарши чиқишларининг сабаби ва у зотнинг уларга қилган муомалалари баён этилган.
Яҳудийларнинг Бани Назир қабиласи Мадина яқинида яшаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузилган сулҳ битимига кўра моллари ва жонлари омонда, ўзл ари диний ҳурриятда эдилар. Аммо мусулмонларга душманликдан кеча олмаган қабила бир куни имкониятдан фойдаланиб, Расули акрамга суиқасд уюштирди ва сулҳ битимини бузди. Шунда Пайғамбаримиз асҳоблари билан бирга Бани Назирни қуршаб олишга мажбур бўлдилар. Натижада ҳижрий 4 йили рабиъул-аввалнинг тўртинчи куни (милодий 626) Бани Назир ғазоти бошланди. Йигирма кунча давом этган муҳосарадан сўнг қабила таслим бўлди. Унга Мадинадан чиқиб кетишга изн берилди. Бу ғазотда мусулмонлар жуда кўп қурол ва ўлжага эга бўлишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Бадр урушида ғолиб келгач,БаниНазряҳудийлари:«Тавротдасифати келган Пайғамбар шу бўлади, унинг байроғи асло пастламайди» деб юришди. Аммо мусулмонлар Уҳуд урушида мағлуб бўлганларидан сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қилинган аҳдномани бузишди. Уларнинг йўлбошчиси Каъб ибн Ашраф қирқ нафар отлиқ билан Маккага борди ва Қурайш қабиласини Муҳаммад алайҳиссаломга қарши курашга кўндирди. Фаришта Жаброил алайҳиссалом бу хабарни тезда Муҳаммад алайҳиссаломга етказди. Бунинг устига, Каъб ибн Ашраф Набий алайҳиссаломни қаттиқ ҳажв қилди. Шунда у зотнинг изнлари билан Муҳаммад ибн Салама қабила раҳбари Каъбни ўлдирди. Бу воқеадан сўнг Бани Назир қабиласи янада қутуриб кетди. Улар Расулуллоҳга очиқ-ойдин хиёнат қилиш йўлига ўтиб олишди. Яҳудийларнинг бу жинояткорона ҳаракатидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарши уруш очишга қарор қиладилар. Шу тариқа тарихга “Бани Назир ғазоти” номи билан кирган муҳораба бошланиб кетди.
Мусулмонлар етиб келишганда, Бани Назир ўз қўрғон-қалъалари ичига яшириниб олган эди. Пайғамбар алайҳиссалом улардан қўрғонларини ташлаб, ўн кун муддат ичида Ясрибдан чиқиб кетишни талаб қиладилар. Яҳудийлар ўзларининг кучсизликларини сезиб, у зотнинг ҳукмларига бўйсунишдан ўзга чора топиша олмади. Лекин Бани Авф қабиласига мансуб бир гуруҳ мунофиқлар уларга: «Маҳкам бўлинглар, биз сизларни ёлғиз қўймаймиз. Агар сизга қарши уруш очиладиган бўлса, биз сизлар билан биргамиз. Агар сизлар Ясрибдан қувиб чиқариладиган бўлсангиз, бирга чиқиб кетамиз», деб хабар беришди. Бани Назир қабиласи жойлашган қалъа-қўрғонлар жуда мустаҳкам бўлиб, уни қисқа муддатда ишғол қилиш мушкул иш эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг хурмоларини кесиб, қўрғон атрофига йиғишга ва ўт қўйишга буюрадилар. Яхудийлар олов ўртасида қолишади. Энди улар учун фақат икки йўл бор эди: ё Пайғамбар алайҳиссаломнинг талабларига кўниш ёки қўрғондан чиқиб, мусулмонлар билан урушиш. Улар биринчи йўлни танлашди. Ўн кунлик қамалдан сўнг Бани назирликлар Пайғамбар алайҳиссаломдан гуноҳларини кечишларини ҳамда кўчиб кетишга изн беришларини сўрашди. Ҳар бир киши қурол-яроғдан ташқари, мол-мулкидан бир туядан юк оладиган бўлади. Сўнг Ясрибни тарк этиб, Хайбарга, баъзилари эса Шомга жўнаб кетди. Ҳашр сураси яҳудийларнинг хиёнати авж олган ана шундай бир пайтда нозил бўлган.

3. Arap Аллоҳ уларга кўчиришни ёзмаганда уларни шу дунёда-ёқ азоблаган бўларди. Уларга охиратда дўзах азоби ҳам бордир.
Аллоҳ таоло Ўзига куфр келтирган, Пайғамбарига хиёнат ва мунофиқлик қилган кимсаларни дунё ва охиратда қаттиқ азобига гирифтор қилади. Аллоҳнинг Пайғамбарига қилган хиёнати ва итоатсизлиги учун Бани Назир яҳудийларини ҳам ана шундай қаттиқ жазоси билан азоблади. Улар илк бор ўзлари тинчлик ва фароғатда яшаб турган шаҳарлари Ясрибдан Пайғамбар алайҳиссаломнинг буйруқлари билан ҳайдаб чиқарилди. Иккинчи бор эса, Умар ибн Хаттоб халифа бўлиб турганларида яна яхудий ва насронийлар Араб жазирасидан ташқарига чиқариб юборилди. Уларни учинчи бор жазолаш эса энди охиратда бўлади. Мазкур яҳудийларнинг охиратда бу дунёда қилган гуноҳ амалларига яраша жазо олишлари муқаррар. Уларнинг дунёдаги кўчирилишлари эса охиратдаги дўзах азобига нисбатан енгилдир.

4. Бу уларнинг Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига қарши чиққанлари учундир. Ким Аллоҳга қарши чиқса, Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир.
Бани Назир яҳудийларининг бу қадар тайёргарликлари ва мустаҳкам қалъалари Парвардигорлари юборган бир гуруҳ мусулмон жангчилар қўлидан қутқара олмади. Балки дилларига шунчалик хавф-қўрқув солдики, ўз юртиларини ўз қўллари билан бой беришди. Аллохдзинг қудрати ва ҳикмати ҳақида тафаккур қилувчи мусулмонлар бундан хулоса чиқаришсинки, дунёда ҳар бир иш Аллоҳнинг изни-иродаси билан рўёбга чиқади, У агар уларнинг қисматида ватандан чиқаришни ёзмаганида улар ҳам бошқа яҳудий қабилалари каби омонлик топган бўлишарди. Аллоҳга қарши чиқувчиларнинг қисмати ана шундай аянчли бўлади, улар Парвардигорларининг қаттиқ азоби ва ғазабига учрашади. Бани Назир яхудийлари бу қоидани унутиб, Аллоҳга хилоф қилишди ва жуда катта талафотга учрашди.

5. (Эй имон келтирганлар), сизлар хурмоларни кесасизларми ёки жойида қолдирасизларми, бу фақат Аллоҳнинг изни билан ва фосиқларни шарманда қилиш учун бўлди.
Бани Назир қамали пайтида Пайғамбар алайхиссаломнинг фармонлари билан мусулмонлар яхудийларнинг баъзи хурмо дарахтларини кесиб юборишди. Шунда яхудийлар: «Эй Муҳаммад! Сен ўзинг бузғунчиликдан қайтарар эдинг, ким шундай ишни қилса, айблардинг. Хурмони кесиш яхши ишми?» дейишди. Бу гап Пайғамбар алайҳиссаломга оғир ботди. Саҳобалар ва ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонлар хафа бўлишса-да, ичларида, фасод ишни қилиб қўйибмиз-ку, деб афсус-надоматлар чекишди. Шунда Аллоҳ таоло ҳақиқатни баён қилиб, ушбу оятни нозил қилди. Аллоҳ таоло бу оятда мўмин-мусулмон бандаларига хитоб қилиб, яхудийларнинг хурмоларни кесиб ташлаш тўғрисидаги гапларига этибор бермаслик лозимлигини баён қилмоқда. Пайғамбар алайхиссалом бошлиқ мусулмонлар Бани Назир яхудийлари билан бўлган тўқнашувда бирор хурмони кесган ёки кесмай қолдирган бўлсалар, фақат Аллохнинг изни билан ва У Зот томонидан бузғунчиларни хорлаш учун бўлди. Ислом шариатида уруш пайтида ҳам ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар келтириш қатъиян тақиқланади. Бу боқий хукмдир. Лекин Бани Назир ҳодисасида Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга баъзи хурмо дарахтларини кесиб, ўт қўйишга изн берган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Назирга бориб, уларни қалъаларида қамал қилганларида уларнинг хурмоларини кесишга ва ёқиб юборишга буюрдилар. Бундан Аллоҳнинг душманлари ташвишланиб қолишди ва: “Эй Муҳаммад, сен ўзингни ислоҳ қилувчиман, яхшиликни хоҳлайман, дейсан. Мевали дарахтларни қуритиш, хурмоларни кесиш ҳам ислоҳми, яхши ишми? Сен айтаётган нарсада (Китобда) сенга ерда фасод қилиш нозил қилинганми?” дейишди. Бу нарсалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир ботди. Уларнинг сўзларидан мусулмонлар ҳам таъсирланишди ва бу нарса фасод бўлишидан қўрқишди. Ихтилоф қилиб қолишди. Айримлари: “Дарахтларни кесманглар. Улар Аллоҳ бизга ўлжа қилиб берган нарсалардандир” дейишса, бошқалари: “Йўқ, кесиб ташланглар”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло кесишдан қайтарганларни тасдиқлаб ва кесганларни ҳалол қилиб (тўғри деб), оят нозил қилди. Ва хабар бердики, уни кесиш ҳам, қолдириш ҳам Аллоҳ таоло изни биландир.
Ибн Умардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Назир хурмоларини кесдилар ва ёқиб юбордилар. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди” (Бухорий ривояти).

6. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига улардан ўлжа қилиб берган нарсага сизлар от ёки туя чоптириб бормадингиз. Лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарларини Ўзи хоҳлаганлар устидан ҳукмрон қилиб қўяди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
Одатда ғазотларда қўлга киритилган мол-мулклар ўлжа сифатида жангчиларга тақсимланарди. Бани Назир ғазотида эса мусулмонлар улар устига от чоптириб, туя югуртириб боришмади, балки уларнинг қалъалари атрофига бориб туришди. Бу оятда Аллоҳ таоло қўлга тушган мол-мулк учун мусулмонлар сира қийналмаганларини, бу нарсаларни Пайғамбарига Аллоҳнинг Ўзи қудрати илоҳияси билан олиб берганини эслатмоқда. Маълумки, Бани Назир қабиласини қамал қилиш чоғида қабила аъзолари Пайғамбар алайҳиссаломнинг рухсатлари билан қурол-аслаҳадан ташқари бир туяга юк бўладиган мол-мулкларини олиб, кўчиб кетишган эди. Шу ўринда «Уларнинг қолган мол-мулклари нима бўлган?» деган савол туғилиши табиий. Бу савол ўша пайтдаги қамал иштирокчиларида ҳам пайдо бўлган. Ғазотларда мусулмонлар куч ишлатиб, уруш қилиб, душманнинг мол-мулкига эга бўлишса, бу мол-мулклар «ғанимат» - «ўлжа» деб аталарди. Бундай ўлжанинг бешдан тўрт қисми жангчиларга бўлиб бериларди. Қолган бир қисми эса Аллоҳ ризолиги учун Пайғамбар алайҳиссаломга ва у зотнинг яқин қариндошларига, етимлар, мискинлар ва муҳожирларга тақсим қилинарди. Буни ҳамма биларди. Аммо Бани Назирнинг мол-мулки ҳеч қандай урушсиз, қийинчиликсиз қўлга ўтди. Энди нима қилиш керак? Бу саволга ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи қуйидаги оят орқали жавоб юборди.

7. Аллоҳ шаҳар-қишлоқ аҳлидан Ўз Пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар сизлардан бойларингиз орасидагина айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун Аллоҳга, Унинг Расулига ва унинг қариндошларига, етимлар, мискинлар ва йўқсил мусофирларгадир. Пайғамбар сизларга етказган нарсага амал қилинглар, сизларни қайтарган нарсадан сақланинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳнинг жазоси албатта қаттиқдир.
Жангда қўлга киритилган мол-мулк “ғанимат, ўлжа” деб аталса, жангсиз қўлга киритилгани “файъ” дейилади. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Бани Назир қабиласининг мусулмонларга ташлаб кетган мол-мулкларини «қайтарилган, ўлжа қилиб берилган мол» деб номлаяпти. Аслида мол-мулкларнинг бари Аллоҳники, У Бани Назирга берган молини энди Пайғамбарига қайтарди. Ана шундай улкан маъно билан ифодаланган ўлжа мол кимларга тақсимлаб берилади? Энг аввало бу мулкларнинг эгаси Аллоҳга, яъни Унинг розилиги учун қилинадиган диний-маърифий ишлар, Унинг динини ёйиш, Каъбани ва бошқа масжидларни обод қилиш каби диний мақсадларга сарфланади. Иккинчидан, Аллоҳнинг Расулига ажратилади: у зот мусулмонларнинг раҳнамоси сифатида ўзларига ва аҳли аёлларига кифоя қилгудек миқдорда оладилар, қолгани мусулмонларнинг умумий фойдаси учун ишлатилади.Учинчидан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг яқин қариндошларига ҳам тақсим қилинади, чунки Набий алайҳиссаломга садақа ҳаром бўлганидек, қариндошларга ҳам ҳаромдир. Лекин “қайтарилган” молдан Пайғамбар алайҳиссалом Бани Ҳошим ва Бани Абдулмутталиб уруғларига берганлар. Тўртинчидан, етимларга, яъни балоғат ёшига етмай отасидан ажраганларга берилади. Бешинчидан, Мискинларга, яъни қийинчилик билан кун кечирадиган одамларга улуш тегади. Олтинчидан, йўқсил мусофирларга, яъни ватанидан узоқдалигида бор-будидан ажралиб, юртига кетолмай қол-ган кишиларга ажратилади. Аслида жамиятнинг моли унинг ҳамма аъзолари орасида айланиб туриши керак. Фақат бойларнинг орасида айланадиган бўлса, мол бир гуруҳ одамлар қўлига ўтиб, жамиятнинг қолган аъзолари уларга қарам бўлиб қолади. Бунда бойлар нимани хоҳласа қилаверадиган, қолганлар эса уларнинг хоҳишларига бўйсунишга мажбур бўладиган ҳолат юзага келади. Ислом шахсий мулкчиликни ҳимоя қилиб, ҳурматлаш билан бир қаторда, раъсумолнинг (капиталнинг) туғёнига ҳам чек қўяди. Ижтимоий адолат бўлишига даъват этади. Шунинг учун ҳам закот фарз қилинди, судхўрлик ҳаром қилинди ва бошқа шу каби қоидалар жорий этилди.
Оят давомида Аллоҳ таоло Пайғамбар етказган нарсага амал қилишга, у зот қайтарган ишлардан четда бўлишга бандаларини буюрмоқда. Уламолар Расулуллоҳ “келтирган, етказган нарса” деганда асосан суннатни назарда тутадилар. Суннат эса у кишининг сўзлари, ишлари ва тақрирлари (маъқуллаганлари, эътироз билдирмаганлари)дан иборатдир. Собит бўлган суннатга амал қилиш эса барча мусулмонларнинг бурчидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Парвардигорим менга буюрган тўққиз нарсани сизларга ҳам буюраман: Парвардигорим менга яширин ва ошкора ҳам ихлосли бўлишни; ғазабда ва бошқа ҳолларда ҳам одил бўлишни; бойлик ва камбағаллик ҳолида ҳам тежамкор бўлишни; менга зулм қилганни кечиришимни; мени маҳрум қилганга беришимни; мендан алоқасини узган билан алоқа боғлашимни; сукутим фикр бўлишини; гапим зикр бўлишини; (атрофга) қарашим ўгит бўлишини буюрди” (Рузайн ривояти). Оят охирида инсонлар Аллоҳга тақво қилишга, Ундан қўрқишга буюрилмоқда, агар бундай қилмасанглар, Унинг иқоби-жазоси қаттиқлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.

8. Яна ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган, Аллоҳдан фазл ва Унинг розилигини тилайдиган ҳамда Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарига ёрдам берадиган фақир муҳожирларгадир. Ана ўшалар содиқлардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр ва рухсатлари билан Макка фатҳидан олдин маълум муддатга Мадинага кўчиб борган (ҳижрат қилган) маккалик мусулмонлар «муҳожир», дейилган. Илк ҳижрат қилган Абу Салама, охирда муҳожир бўлган эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ҳазрат Аббос бўлди. Макка фатҳидан кейин Мадинага борганлар муҳожир ҳисобланмайди. Муҳожирларнинг юксак фазилатлари Қуръони каримда келган. Муҳожирлар асли маккалик кишилар бўлиб, дину имон деб она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи мунавварага кўчиб ўтишган. Шу сабабли уларнинг кўплари мискин, фақирга айланган эди. Улар фақат Аллоҳ берадиган фазлни деб ва Унинг розилигини топамиз деб, бу машаққатларга бўйин эгдилар. Улар машаққат ва йўқчиликларга қарамай, Аллоҳнинг ва Пайғамбарнинг иши учун қўлларидан келган барча ёрдамни беришди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни «имонларида содиқ кишилар» деб мақтамоқда.

9. Улардан олдин бу диёрда яшаган ва имонини сақлаганлар эса ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севишади ҳамда уларга берилган нарсаларга дилларида ҳасад сезишмайди. Ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзгаларни ихтиёр қилишади. Ким нафсининг ҳирсидан сақланса, ўшалар зафар топувчидир.
Ушбу ояти каримада ансорларнинг фазли ҳақида сўз юритилиб, уларнинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган саховатлари-ю одамгарчиликлари васф қилинмоқда. Мадиналик мусулмонлар шаҳарларига ҳижрат қилиб келган Пайғамбар алайҳиссаломга ва маккалик муҳожирларга ҳар томонлама ёрдам беришгани учун «ансорлар» деб номланишган. “Ансор” сўзи арабча «носир», яъни «ёрдам берувчи» калимасининг кўплик шаклидир. Мадинадаги Авс ва Хазраж қабилаларига мансуб мусулмон араблар (мадиналик саҳобийлар) Ясриб (Мадина) шаҳрига ҳижрат қилиб борган маккалик муҳожирларга кўрсатган моддий ва маънавий ёрдамлари учун ана шундай улуғ номга сазовор бўлишган. Муҳожирлар ансорлардан сўзсиз фазилатлидир, аммо илк ансорлар фазилат бобида сўнгги муҳожирлардан устун туришади.
Ансорлар Мадинада, яъни биринчи Ислом жамоаси ташкил топган диёрда муҳожирлар келгунга қадар ҳам яшашган ва ҳали Аллоҳнинг Пайғамбарини кўрмай туриб, Исломга киришган, Аллоҳга ва Унинг Расулига имонлари холис бўлган. Улар буюк ихлос-эътиқодлари туфайли Макка мушрикларидан азоб-уқубат чекаётган ўз диндошларини ўзларининг юртлари - Ясрибга (Мадинага) кўчишга чорлашган. Айни пайтда ансорлар ўз шаҳарларига кўчиб келган муҳожир биродарларига доимо яхши муомалада бўлишган, Пайғамбар алайҳиссалом Бани Назирдан ўлжага қолган молдан муҳожирларга бериб, уларга бермаганларида ҳам, ансорлар заррача гина қилишмаган, ҳасад нималигини билишмаган. Ансорлар муҳожир биродарларини устун қўйиб, ўзларига жуда керак бўлиб турган нарсаларини, ҳатто уйларининг бир қисмини, асбоб-анжомларини, мол-мулкларини ва бошқа нарсаларини беришган. Ҳатто муҳожирларнинг ўзлари Пайғамбар алайҳиссаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, буларга ўхшаганларни ҳеч кўрмаганмиз, моллари оз бўлса, бизга беришади, кўп бўлса, янада сероб қилишади. Маишатимизни етарли қилишяпти, фароғатларига бизни шерик қилишяпти. Савоб-мукофотнинг ҳаммасини эгаллаб олишмасмикин», деб арз қилишган. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Йўғ-э, уларга ташаккур айтиб, ҳақларига дуо қилиб турсангиз, ундай бўлмайди, иншааллоҳ», деганлар. Ансорийлар ҳақидаги ҳадисда бундай дейилган: «Пайғамбар алайҳиссалом ансорларни чақириб, уларга Баҳрайнни бермоқчиликларини айтганларида, ансорлар: «Муҳожир биродарларимизга ҳам худди шунга ўхшаш жойни бермасангиз, бизга бунинг кераги йўқ», дейишди» (Бухорий ривояти); Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ансорларни фақат мўмингина яхши кўради ва уларни фақат мунофиққина ёмон кўради. Демак, уларни яхши кўрганни Аллоҳ ҳам яхши кўради ва уларни ёмон кўрганни Аллоҳ ҳам ёмон кўради», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти);
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло ансорлар мисолида ҳасад ва бахиллик каби иллатларнинг ёмонлигини, булардан сақланиш олий исломий фазилат эканини ҳам зикр қилмоқда. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом билан ўтирган эдик. У киши: «Ҳозир ҳузурингизга жаннатий киши келади», дедилар. Соқолларидан таҳорат суви оқиб турган бир ансорий кириб келди. Кавушларини чап қўлига ушлаб олган экан. Эртасига Пайғамбар алайҳиссалом худди шу гапни яна қайтардилар. Яна кечаги киши ўша ҳолатида кириб келди. Учинчи куни яна худди шу ҳолат такрорланди. (Мажлис тугаб), Набий алайҳиссалом туриб кетганларидан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ҳалиги ансорийга эргашди ва: «Отам билан айтишиб қолиб, уч кун уйга кирмасликка қасам ичган эдим, уч кун сизникида турсам, майлими?» деди. Ҳалиги киши розилик билдирдилар. Кейинчалик Абдуллоҳ ўша уч кун қандай кечганини бундай ҳикоя қилиб берган: «Уникида уч кун ётдим. Кечаси ортиқча ибодат қилганини сира кўрмадим. Фақат у ёнбошдан бу ёнбошига ағдарилганда Аллоҳнинг зикрини қилар ва такбир айтар эди, холос. Сўнг бомдод намозига турарди. Уч кун давомида ундан фақат яхши сўз эшитдим. Лекин ҳайрон эдим, «Наҳотки жаннатий бўлиш учун шу амалларнинг ўзи етса» деб юборишимга сал қолди. Унга қараб: “Эй Аллоҳнинг бандаси, отам иккимизнинг ўртамизда ҳеч қандай гап ўтмаган эди. Лекин Расулуллоҳнинг уч маротаба «Ҳозир ҳузурингизга жаннатий киши келади» деганларини эшитганимда уч мартагача сен кириб келдинг. Сен билан яшаб, амалингни ўрганиб, сенга эргашмоқчи бўлган эдим. Ҳеч бир катта амал қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ айтган мартабага сени нима эриштирди?” дедим. У: “Ўзинг кўргандан бошқа ҳеч бир амалим йўқ”, деб жавоб қилди. Жўнаб кетаётга-нимда мени ёнига чорлаб, яна такрорлади: “Ўзинг кўргандан бошқа ҳеч бир амалим йўқ. Лекин менинг қалбимда бирорта мусулмонга нисбатан қаллоблик йўқ. Бирор кишига Аллоҳ яхшилик берса, ҳасад ҳам қилмайман”, деди. Мен: “Сени олий мартабага эриштирган нарса шу экан, унга тоқат билан амал қилиш ҳам қийин”, дедим» (Аҳмад ривояти). Нафсининг ҳирсини қондиришга уринавериш, шу боис молини қизғаниб, бахиллик қилиш мўмин кишига асло тўғри келмайди. Шунингучун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад алай-ҳиссалом ўз ҳадисларида: «Бахиллик ва имон банданинг қалбида абадулабад жам бўлмайди», деганлар (Насоий ривояти).
Ояти каримадаги “Ўзларида эҳтиёж бўлсада, ўзгаларни ихтиёр қилишади” жумласи ҳақида бир неча ривоятлар келтирилган. Язид ибн Асомдан ривоят қилади: “Ансорлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз билан муҳожир биродарларимиз орасида ерни тенг бўлиб беринг”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, уларга таъминот ва меваларни бўлиб беришингиз кифоя қилади. Ер эса сизларникидир”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ийсор-ихтиёр оятини нозил қилди”. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам супа аҳлидан бир кишини ансорлардан бирига қўшиб юбордилар. Ансорий уни уйига олиб келдида, хотинига: “Бирор егулик борми?” деди. У: “Йўқ, фақат болаларнинг овқати бор”, деди. У: “Уларни ухлат, ухлаб қолишса, (овқатни) бизга келтир, овқатни қўйгач, чироқни ўчир”, деди. Хотини шундай қилди. Қоронғида ансорий ўз олдидаги овқатни ҳам меҳмоннинг олдига суриб қўя бошлади. Кейин эрталаб уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг кеча қилган ишингиздан осмон аҳли ажабланди”, дедилар ва мазкур оят нозил бўлди (Бухорий ва Муслим ривояти). Абдуллоҳ ибн Умар айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир кишига қўйнинг калласи ҳадя қилинди. У: “Фалончи биродарим ва унинг оиласи шунга биздан кўра ҳақлироқдир”, деб унга бериб юборди. Униси бошқасига берди. Шу тариқа ҳалиги калла еттита хонадонни айланиб, яна ўша саҳобийнинг ўзига қайтиб келди. Шунда мазкур оят нозил бўлди”.

10. Улардан кейин келганлар айтишади: «Парвардигоро, бизларни ва бизлардан олдин имон билан ўтганларни мағфират қилгин, имон келтирганларга нисбатан қалбимизда нафрат пайдо қилма! Парвардигоро, Сен шафқатлисан, раҳмлисан».
Оятдаги “улардан кейин келганлар”дан мурод, муҳожирлар ва ансорийлардан кейин келган тобеъинлар ҳамда улардан сўнг қиёматгача келадиган мусулмонлардир. Бу ояти каримада Ислом умматининг боши билан охирини боғлаб турувчи силсила намоён бўлмоқда. Кейин келган мусулмон авлоди, ким бўлишидан қатъи назар, ўзидан аввал вафот этиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳақларига яхши дуолар қилишади. Олдин ўтиб кетган аждодларни сўкиш, уларни хорлаш, шаънларига номуносиб сўзларни айтиш мусулмон умматига хос бўлмаган ишдир. Ибн Касир тафсирида келишича, Оиша розияллоҳу анҳо шундай деган эканлар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Бу уммат кейингилари олдингиларини лаънатламагунча йўқ бўлмайди” деганларини эшитганман” (Бағавий ривояти). Демак, ўтган буюк зотлар ва алломаи замонларни беҳурмат қилиш, уларни лаънатлаш умматнинг ҳалокатига сабаб бўлар экан. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: “Саҳобаларимни сўкаётганларни кўрсангиз, “Сизларнинг ёмонларингизни Аллоҳ лаънатласин!” деб айтинг” (Термизий ривояти). Оят охиридаги “нафрат” ҳар қандай муросасизлик, фитна ва парокандалик туфайли қалбда пайдо бўладиган нафратдир. Ушбу оят мўминларни бир-бирларига нафрат қилмасликка буюради. Бу илоҳий амрга тўлиқ амал қилинсагина инсонлар орасида дўстлик, тотувлик ва биродарлик туйғулари қарор топади.

11. (Эй Муҳаммад), нифоқ қилганларнинг аҳли китобдан бўлмиш кофир биродарларига: «Қасамки, агар сизлар чиқарилсангиз, бизлар ҳам сизлар билан чиқиб кетамиз, сизлар хусусингизда ҳеч қачон ҳеч кимга итоат этмаймиз. Мабодо сизларга уруш қилинса, биз албатта ёрдам берамиз» дейишларини кўрмайсизми? Аллоҳ уларнинг ёлғончилигига гувоҳлик беради.
Ояти каримадаги «нифоқ қилганлар»дан мурод ташида мусулмонлик даъвосини қилса-да, ичида Исломга душманлик қилувчи, сирти бошқа, дили бошқа одамлар, яъни мунофиқлардир. Қалбида имон шартларини тасдиқ қилмай, фақат тилидагина унга иқрор бўлган, одамлар кўзига мусулмон бўлиб кўриниб, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кимса мунофиқ саналади. Мунофиқ кофирдан ҳам ёмондир. Шунинг учун мунофиқ дўзахнинг қаъри (энг чуқур жойи)га ташланади. Қуръони каримда мунофиқлар қаттиқ қораланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг баъзи кимсалар «Исломга кирдик» деб, намоз ўқиб, рўза тутар, мусулмончилик амалларини қилиб юришардию, лекин ўзлари ичи қора, имонлари ҳақиқий бўлмаган, балки Исломга душманлик қилган тоифалардан эди. Мадинадаги мунофиқларнинг энг каттаси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва унинг одамлари Пайғамбар алайҳиссаломга хиёнат қилган ва шу сабабли қамал қилинган яҳудий қабиласига (Бани Назирга) келиб: «Хотиржам бўлинглар, биз сизлар билан биргамиз. Мабодо, ўз юртингиздан чиқиб кетишга мажбур бўлсаларингиз, биз ҳам сизларга қўшилиб чиқиб кетамиз. Агар Муҳаммад сизларга қарши уруш қиладиган бўлса, биз сизларга ёрдам берамиз», дейишган. Албатта, улар ўртасидаги бу гап-сўзлар жуда махфий тарзда бўлган. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг сирини фош қилиб, ушбу оятларни нозил қилди. Кофирларга ёрдам бераётган янги тоифа - мунофиқларнинг сирини фош қилди, уларни «кофирларнинг биродарлари» деб атади. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло мунофиқларнинг яҳудийларга бераётган ваъдалари ёлғон эканини таъкидлаб, бунга Унинг Ўзи гувоҳлик беради.

12. Агар улар қувиб чиқарилишса, улар билан бирга чиқиб кетишмайди. Қасамки, агар уларга уруш қилинса, ёрдам беришмайди. Борди-ю ёрдам берганларида ҳам ортларига қараб қочишади, сўнг уларга ёрдам берилмайди.
Бу ояти карима инсонлар учун пинҳон бўлган ғайб хабарларидан бўлиб, у нозил бўлгандан кейин орадан кўп ўтмай ушбу хабарни тасдиқловчи ҳодисалар рўй берди. Пайғамбар алайҳиссалом яхудийларни шаҳардан чиқариб юбордилар, лекин мунофиқлар уларга қўшилиб бирга чиқиб кетишмади. Яҳудийларга қарши уруш бошланганида эса мунофиқлар яна ваъдаларини бажаришмади - яҳудийларга ёрдам беришмади. Аллоҳ таолонинг «мунофиқлар ёлғончидирлар» деган гувоҳлиги рост чиқди. Улар ишончли ваъда берган бўлишларига қарамай, ўз дўстларини ёрдамсиз қолдирдилар.

13. (Эй мўминлар), уларнинг дилларига Аллоҳдан кўра сизлар қўрқинчлироқсиз. Бу, уларнинг англамайдиган қавм эканидандир.
Парвардигорнинг мунофиқлар ва яҳудийлар ҳақида берган хабари амалда тасдиқланганидан кейин мунофиқ ва кофирлар Аллоҳдан кўра мўмин-мусулмонлардан кўпроқ қўрқадиган бўлиб қолишди. Агар Аллоҳнинг Ўзидангина қўрққанларида мунофиқ ҳам, кофир ҳам бўлишмас эди. Улар Аллоҳдан эмас, Унинг бандаларидан қўрқишгани учун дилларидаги хавотир ва ҳакдиклар кўпайгандан-кўпайиб борар эди. Улар Аллоҳнинг ягоналигини, ҳамма нарсанинг Унгагина бўйсунишини англаб етишганида бандадан қўрқмай, Аллоҳдангина қўрққан бўлишарди.

14. Улар сизларга қарши чиқолмай, фақат қалъалик қишлоқлар ёки деворлар ортида уруш қила олишади. Ўз ораларидагина адоватлари қаттиқдир. Уларни бир деб ўйлайсизу диллари бошқа-бошқадир. Бу, уларнинг ақлсиз қавм эканидандир.
Эй мўминлар, мунофиқ ва кофирлар сизларга очиқ қарши чиқишга ботина олишмайди, балки қалъалар билан ўраб олинган қишлоқларида ёки баланд қилиб ўралган деворлар ортида туриб уруш олиб боришади. Чунки мунофиқлар ва яҳудийлар қўрқоқ бўлишгани учун мусулмонларга қарши юзма-юз туриб уруша олишмайди. Мусулмонларга қарши чиқаётган тоифаларни ташидан кўрсангиз, улар иттифоқдош, якдил, бирдам, ҳамкорга ўхшаб кўринишади. Аммо қалблари тарқоқ, ораларида ихтилоф чуқур илдиз отган, бир-бирларига бўлган душманликлари аниқ кўриниб туради. Барча замон ва маконларда ҳам дин душманлари ана шундай ихтилофда бўлишган. Шундан келиб чиқадики, аъзолари тарқоқ бўлган ҳар бир қавм ва миллат доимо мағлубиятга учрайди. Табиийки, ихтилофлар туфайли истаклар, мақсадлар, фирқалар ва шиорлар кўпаяди. Бу эса ҳар бир миллатни ҳалокатга олиб боради. Ҳар бир миллат ўз фарзандларининг бирлиги, иттифоқлиги ва мақсадларининг бирлиги туфайлигина кучли бўлади. Ақлсиз қавмлар эса бунинг моҳиятига етиб бормай ихтилоф ва хусумат йўлини танлашади.

15. Бу худди улардан озгина олдин ўтган, қилмишларининг уқубатига қолганларга ўхшашдир. Уларга аламли азоб бордир.
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло Бани Назирдан озгина олдин содир бўлган воқеага, Мадинада яшаб ўтган бошқа бир яҳудий қабиласи - Бани Қайнуқоъ ғазотига ишора қилмоқда. Ҳижратнинг иккинчи йили шаввол ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида яҳудийларга қарши олиб борилган яна бир уруш Ислом тарихида «Бани Қайнуқоъ ғазоти» номини олди.
Пайғамбар алайҳиссалом билан тузилган аҳдномани яҳудийлардан биринчи бўлиб бузган Бани Қайнуқоъ қабиласи бўлди. Турли баҳоналар билан сулҳни бузган яҳудийлар мусулмонларга қарши уруш бошлаб юборишди. Расули акрам ночор урушга кирдилар. Мусулмонлар яҳудийлар яшириниб олган қалъани ўн беш кун қамал қилишди. Яҳудийлар кутган ёрдамлари етиб келмагач, омонлик сўраб таслим бўлишди. Сўзида турмай сулҳни бузгани учун еттиз юз яҳудий ҳаёти сақланган ҳолда Сурияга сургун қилинди. Ерлари эса ерсиз мусулмонларга тақсимлаб берилди. Демак, Бани Назир аҳли ҳам хиёнат, исён туфайли худди улардан аввал Бани Қайнуқоъ аҳли тушган ҳолатга тушганлари эслатилмоқда.

16. Улар шайтон кабидирлар, у инсонга «кофир бўл» дейди, кофир бўлгач эса: «Мен сендан безорман, мен оламлар Парвардигори - Аллоҳдан қўрқаман», дейди.
Шайтон аввал инсонни куфр ва маъсиятга тарғиб қилиб кўради. Инсон шайтоннингтузоғига илинганидан кейинударров инсондан ўзини нари қилади ва: “Мен сендан безорман, сен мендан қўрққанинг ҳолда ўзим оламлар Парвардигори Аллоҳдан қўрқаман” деб гапнинг лўндасини айтиб қўяди. Ўша инсон шайтон фитнасига учиб, куфр келтирди. Кейин танг ҳолда қолганида унга ёрдам ваъда қилган шайтон «Менинг сен билан ишим йўқ, мен оламлар Парвардигори Аллоҳдан қўрқаман», деб қочиб қолади. Бани Назир қабиласи ва мунофиқларнинг “дўстлиги” ҳам худди ана шунга ўхшайди.

17. Иккисининг ҳам оқибати бир - дўзахга тушади ва у ерда мангу қолади. Бу золимларнинг жазосидир.
Ояти каримада Бани Назир яҳудийлари ва уларга дўст тутинган мунофиқларнинг ҳоли худди шайтоннинг инсонни куфрга чақириб, кейин ўз ҳолига ташлаб кетишига ўхшатилмоқда. Худди шунга ўхшаш, мунофиқлар ҳам Бани Назир яҳудийларига: «Муҳаммаддан қўрқманглар, биз сизлар билан биргамиз. Мабодо,ўз юртларингдан чиқиб кетишга мажбур бўлсаларингиз, биз ҳам сизга қўшилиб, чиқиб кетамиз. Агар Муҳаммад сизга қарши уруш қиладиган бўлса, биз сизларга ёрдам берамиз», деб иғво қилишди. Яҳудийлар улар алдовига учиб, Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонларга қарши чиқишди. Яҳудийлар қамалдан сўнг турган жойларидан чиқариб юборилишга ҳукм бўлганида эса мунофиқлар уларга бирор оғиз тасалли сўзи айтишга ҳам ярамади. Шайтон ҳам, унинг иғвосига учган кофир ҳам иккови дўзахга тушгани каби Бани Назир ва мунофиқлар ҳам ана шу қисматга гирифтор бўлишади.

18. Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳар жон эртанги кун учун нима тақдим қилганига қарасин. Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардордир.
Аллоҳдан қўрқиш тақводир. Имон келтирган бандалар Аллоҳдан қўрқиш орқали Унинг розилигини топадилар, мукофотига сазовор бўладилар. Аллоҳдан қўрққан одамгина эртанги куни, яъни охирати учун тайёргарлик кўради, солиҳ амаллар ва эзгу ишлар билангина саодатга эришишига ишонади. Аллоҳ таолодан қўрққан одамгина фақат Парвардигорининг ризоси учун Унгагина ибодат қилади. Риёдан, инсонларга ўзини ёки ишларини кўз-кўз қилишдан ва иккиюзлмачиликдан сақланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан «Тақво нима?» деб сўралганида, «Араблар сертикан майдондан ялангоёқ бўлиб, тикандан сақланиб, ўтиб кетишни «тақво» деб атайдилар», деганлар. Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиканларга ўхшайди, ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Ҳар бир банда қиёмат куни учун нима иш қилганини, қандай савобли амалларни тайёрлаб қўйганини ўйлаб қўйиши керак. Чунки у кунда мол-дунё, мансаб, ҳасаб-насаб, ёр-дўст, яқинлар ёрдам бера олмайди, балки имон, Ислом ва қилинган яхши амалларгина ёрдамга келади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши ҳатто сут кўкракка қайтмагунича (яъни, бу мумкин бўлмаган иш) дўзахга кирмайди», дедилар” (Термизий ривояти). У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай марҳамат этганлар: «Аллоҳ азза ва жалланинг азамати, ҳайбати ва кибриёсидан ҳамма вақт хавф ва қўрқувда бўлиш барча ҳикматларнинг бошидир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шундай деганлар: «Мендан кейин мен билан кўришишни, бирга бўлишни истасанг, Аллоҳдан қўрқувни кучайтир. Аллоҳдан қўрқув инсонни яхши амалларга йўллайди... Аллоҳдан қўрққанлар кўп нарсадан қўрқадидар, эҳтиёт бўладилар... Аллоҳдан бошқасидан қўрққанларни эса Аллоҳ ҳамма нарсадан қўрқитади...». Улуғ тасаввуф шайхи Молик ибн Динор айтади: «Агар киши нафсида қўрқинч ва умид аломатини билса, у ишончли ишни ушлабди». Яҳё ибн Муоз эса «Инсон агар фақирликдан қўрққанидек жаҳаннам оловидан ҳам қўрқсайди, шубҳасиз жаннатга кирарди», деган. Муқаррар эртамиз учун солиҳ амаллар, рост сўзлар, яхши ниятлар, гўзал хулқ ва холис тоатлар билан ҳозирлик кўрайлик.

19. Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У Зот уларга ўзларини унуттирди. Ана ўшалар фосиқлардир.
Яъни, Аллоҳдан қўрқиб, Унингтоат ва ибодатида машғул бўлинглар. Қиёмат ғамини, унга тайёргарликни ёддан чиқарманглар. Ким Аллоҳнинг тоатидан чекинса, Унга бандаликни унутса, Унинг амр-фармонларидан бўйин товласа, Парвардигорини унутган бўлади. Аллоҳни унутган одам бу дунёда Парвардигорига боғланувчи муҳим бир алоқа риштасини узган, ўзини махлуқлардан ажратиб турадиган олий мақсаддан айрилган ва инсонлигини унутган бўлади. Эртанги кун - қиёмат кунига тайёргарлик кўришни эсидан чиқаради ва бунинг оқибати ниҳоятда ёмон бўлади. Аллоҳни унутган банда бошига келадиган бало ва мусибатлардан нажот топиш йўлларидан маҳрум бўлади, гуноҳлардан қутулиш йўлларини топа олмайди, бунинг оқибатида яхши ва ёмонни ажрата олмай, гуноҳларга ғарқ бўлади ва абадий жазога мубтало бўлади.

20. Дўзах эгалари ва жаннат эгалари баробар бўлмайди. Жаннатийлар ютуққа эришувчилардир.
Одамлар бу борада икки тоифага бўлинишади: биринчи тоифа -Аллоҳдан қўрқиб,Унинг тоат-ибодатида қоим турган бўлса, иккинчи тоифа - Аллоҳни унутиб, Унинг ҳақ йўлидан чекинган, залолатга ботган бахтсиз кимсалардир. Бу икки тоифанинг бири жаннатдаги абадий роҳат-фароғат, гўзал ҳаёт билан мукофотланса, иккинчиси дўзахга тушиб, жазо-азобларга гирифтор бўлади. Шу тариқа жаннатийлар Аллоҳга тақво ва тоат-ибодатлари билан икки дунё саодатини қўлга киритишса, дўзахийлар Аллоҳга исён ва гуноҳлари билан ўз бахтларини поймол қилишади. Уларнинг йўллари ҳам бошқа, оқибатлари ҳам бўлак, улар ҳеч қачон бир мақомда, баробар бўлишмайди. Шунинг учун инсон жаннатийлар тоифасидан бўлиш учун тинмай ҳаракат қилиши зарур. Жаннатий бўлиш учун эса Қуръони карим кўрсатган ҳидоят йўлидан юриш, Қуръонни нозил қилган буюк Парвардигорлари Аллоҳ таолодан қўрқиб, Унга итоатда бўлиш талаб қилинади.

21. Агар ушбу Куръонни бирор тоққа нозил қилганимизда унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб, парчаланиб кетганини кўрган бўлардингиз. Биз бу мисолларни одамларга шояд фикр юритишса деб келтиряпмиз.
Яъни, энг афсусланарлиси шундаки, Қуръони карим бечора инсонга тўғри йўлни, ҳидоят йўлини, нажот йўлини кўрсатиб қўйган бўлсада, унинг қалбига Аллоҳнинг Китоби кириб бормайди, унинг оятларидан таъсирланмайди, илоҳий таълмотлардан юз ўгиради. Ҳолбуки, ушбу Қуръон тоғ каби метин ва қаттиқ бир мавжудот устига нозил қилинганида агар унда ҳам инсондаги фаҳм-идрок, ақл-фаросат бўлганида илоҳий калом Эгасининг азаматидан, ҳайбатидан, кибриёсидан эзилиб, камоли хавфидан парча-парча бўлиб кетган бўларди. Ушбу ояти карима Қуръони каримнинг нақадар беқиёслигини, уни тинглаган, ўқиган, унинг таълимотлари билан танишган кишининг қалби албатта юмшаши кераклигини таъкидлайди. Бундан маълум бўладики, Қуръони каримни эшитган, унинг чақириғи қулоғига етган бўлса ҳам, қуръоний йўлга, ҳидоят йўлига тушмаган кишиларнинг қалби тоғ - тошлардан ҳам қаттиқ экан. Қалби тошдек қотган кишидан эса ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Аллоҳ таоло бу мисолларни бежизга келтирмаяпти, токи одамлар бу ҳақда фикр юритишсин, ҳаётларини Қуръон таълимотлари асосида олиб боришсин, Парвардигорларидан қўрқиб, ҳисоб-китоб кунига тайёргарлик кўришсин.

22. У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир, яширинни ҳам, ошкорни ҳам билувчидир. У меҳрибондир, раҳмлидир.
Ҳашр сурасининг охирги уч ояти барча махлуқотларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг сифатлари ва гўзал исмларини васф этади. Ушбу ояти каримадан аён бўладики, эътиқод ва ибодат фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига қилинади. Қалблар фақат Унгагина талпиниши, вужудлар фақат Унга сиғиниши, ақллар Унинг мўъжизалари ва азамати ҳақида фикр юритиши лозим. Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг сифатларидан учтасининг зикри келмоқда, булардан биринчиси У Зотнинг Алим (ҳамма нарсани билувчи) эканидир. Аллоҳ таоло шундайин Зотки, У сиз билан биз билган ва билмаган барча пинҳон (ғайбий) ва ошкора нарсаларни билади. Осмонлару Ерда Аллоҳ билмаган, У аралашмаган, У бошқармаган бирор нарса йўқ. Унинг илми олдида Аллоҳ яратган инсонлар, фаришталар, жинлар ва бошқа махлуқларнинг илми ҳеч нарсага арзимайди. Инсон ўз тараққиёти ва камолотида қанчалар илгарилаб кетмасин, нечоғли улкан ютуқларга эришмасин, у фақат Аллоҳ билдирган нарсалар доирасида фикрлайди ва фаолият юритади, холос. Демак, бандалар фақат ҳамма нарсани билувчи, барча илмларнинг эгаси бўлмиш ягона Аллоҳга тоат-ибодатда бўлишлари керак.
Шундан сўнг оятда Аллоҳ таолонинг Раҳмон ва Раҳим сифатлари васф қилинмоқда. “Ар-Раҳмон” луғатда “улуғ неъматларни берувчи” маъносини англатади. Ар-Раҳмон сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди. «Ар-Раҳмон» исми Қуръони каримда қирқ беш ўринда зикр қилинган бўлиб, олти ўринда «Ар-Раҳийм» исми билан ёнма-ён келган. Баъзи уламолар ушбу исмни «исми аъзам» деб ҳисоблашган. Аллоҳнинг «ар-Раҳмон» ва «ар-Раҳийм» сифатлари орасидаги қуйидагича фарқ бор: борлиқдаги ҳар бир раҳмат, меҳрибонлик “ар-Раҳмон” сифатининг бир бўла-гидир. Раҳмат икки хил бўлади: умумий раҳмат ва мукаммал (хос) раҳмат. Умумий раҳматга ҳақдор ҳам, ҳақдор эмаслар ҳам эришаверади. Масалан, ёмғир ёғса, ундан барча одамлар, яъни мўмин ҳам, кофир ҳам, мунофиқ ҳам, фосиқ ҳам бирдек фойдаланаверади. Аллоҳнинг ар-Раҳмон исми умумий раҳматни англатади. Аммо хос раҳматдан фақат ҳақдор кишилар баҳраманд бўлади. Ушбу хос раҳматда хоҳиш билан амалиёт жамланган бўлади. Аллоҳнинг ар-Раҳийм исми хос раҳматга киради. Масалан, бир кишининг бешта фарзанди бор. У ҳамма фарзандларини бир хил овқат, бир хил кийим ва бир хил ётоқ билан таъминлаган. Мана шу умумий раҳм қилишга киради. Фараз қилайлик, фарзандлардан бири отага алоҳида ихлос ва вафо билан хизмат қилади. Ота ҳам гоҳида шу фарзандига алоҳида эътибор қаратади. Мана шу хос раҳмдир. Ҳар бир инсон, у мўминми, мўмин эмасми, бу дунёда еб-ичади, аҳл ва фарзанд неъматига мушарраф бўлади. Бу умумий раҳм сирасига киради. Аммо Аллоҳ таоло бир бандасига тажаллий қилиб, қалбини нурга тўлдирса, Ўзига яқинлаштирса, бу хос раҳмат сирасига киради. Бундай хос раҳматга фақат ҳақли бўлган бахтиёр бандалар мушарраф бўлади. Умумий раҳматга эса, юқорида айтилганидек, ҳамма одамлар сазовор бўлаверади. Шунинг учун бир киши ҳаётидан ҳузурланган ҳолда энг лаззатли таомларни еб, ҳашаматли уйларда яшаб, энг гўзал аёлга уйланиб, катта маошга эга бўлиб, кўпчилиқцан фаровонроқ яшаган бўлса, уни “раҳматга лойиқ бўлди” дейилмайди, чунки Аллоҳ бу дунёни Ўзи яхши кўрганига ҳам, яхши кўрмаганига ҳам бераверади. Бу умумий раҳмат бўлиб, унга ҳамма ҳам эришаверади. Хос раҳмат эса, юқорида айтганимиздек, Аллоҳнинг инсон қалбини мунаввар айлашидир. Бу шундай нурки, уни бу дунёнинг бирор соатига, бирор лаҳзасига алмаштириб бўлмайди. Одамларга раҳм қилсанг, Аллоҳнинг раҳматига ҳақли бўласан. Бинобарин, Аллоҳнинг раҳматига лойиқ бўлишни хоҳласанг, У яратган бандаларга, махлуқотларга раҳм қилгин. Аллоҳ раҳм қилувчиларга раҳм кўрсатади. Мукаммаллик сифатларининг аксари ана шу илоҳий раҳматдан пайдо бўлади. Раҳмат сифатидек қамрови кенг сифат йўқдир.

23. У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Маликдир, Куддусдир, Саломдир, Мўминдир, Муҳайминдир, Азиздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир.
Парвардигорингиз шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир. Мана шу жумла Ислом тавҳидининг асосидир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги мана шу оятда яна бир бор таъкид қилинмоқда. Банда қиладиган амалларнинг энг яхшиси, ҳеч қандай тўсиқларсиз Аллоҳ таоло ҳузурига етиб борадигани хуш сўз - калимаи тоййиба, яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимасидир. Бу калима шу қадар қудратлики, уни оғзига олган кофир мўминга айланади. Бошқа амаллар яхши-ёмонлиги, холис ёки хўжакўрсинга қилингани жиҳатидан қанча тўсиқ-текширувлардан ўтгачгина Аллоҳ таолонинг наздида қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслиги мумкин, аммо ушбу Калима ҳамда Ҳақ таолонинг энг Буюк Зот эканини тасдиқловчи «Аллоҳу акбар» такбири, шунингдек, Аллоҳ таолонинг ҳар қандай айб-нуқсондан Пок Зот эканини тасдиқловчи «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» тасбеҳи мусулмон инсоннинг оғзидан чиқиши билан Аллоҳ таолонинг ҳузурига юксалади. Демак, инсон аввало Яратганнинг борлиги ва бирлигини тан олиб, бутун ҳаёти давомида У Зотни улуғлаб, поклаб юрса, шу асосда ҳаёт кечирса, холис ният билан Аллоҳ учун қилган яхши амалларини Ҳақ таоло Ўз даргоҳига кўтаради, қабул қилади ва уни дунёда ҳам, охиратда ҳам азизу мукаррам қилади.
Бу ояти каримада Аллоҳ таолонинг сифатлари ва гўзал исмларидан саккизтаси васф қилинмоқда. Қуйида шуларни тартиби билан кўриб чиқамиз:

Ал-Малик. Бу сифат луғатда “Барча нарсанинг Эгаси” деган маънони билдиради. Малик - ҳақиқий эгадир. Ундан ўзга эга йўқдир. Шунинг учун бандалар фақат Унга кул бўладилар. Ҳеч қачон бир қулнинг икки хўжайини бўлмайди. Шунинг учун банда ўзига ўхшаган бандаларга эмас, балки ягона Яратганга, ҳақиқий Маликка қул бўлиши лозим. Ҳақиқий малик зотида ҳам, сифатларида ҳам ҳар қандай мавжудотдан беҳожатдир, барча мавжудотлар унга муҳтождир. Демак, ҳақиқий малик, яъни барча нарсанинг эгаси Аллоҳтаолодир. Аслида «малик» сўзи эгалик қилувчи эмас, хукм қилувчи деганидир. «Мим» ҳарфига алиф қўйиб, «маалик» деб чўзиб ўқилса, хукм қилувчи эмас, эгалик қилувчи деган маъно чиқади. Аллоҳ таолонинг Малик исми эса ушбу иккала маънони ҳам англатади, яъни эгалик ҳам қилади, ҳукм ҳам юритади. Аллоҳ таолони «мааликул мулк» сифати у зот ҳамма нарсанинг яратилишига ҳам, тасарруфига ҳам, оқибатига ҳам эга деган маънодадир. Аллоҳ таоло барча нарсанинг эгаси бўлгани учун инсонни йўқдан бор қилади, ҳаёт беради, ризқ беради, кўриб, эшитиб, сезиб туради ва инсонга ҳам, у вақтинча эга бўлиб турган нарсаларнинг барчаси устидан ҳам мутлақ эга бўлади. Шунинг учун ҳамма нарса ҳар бир ишда Аллоҳга муҳтож бўлади. Зеро, У Зот эгалик қилувчи, тасарруф қилувчидир, тасарруфида мустақилдир, хоҳлаганини қилувчидир. Ҳар қандай васфда Аллоҳдан бошқа нарсани бирон нарсага малик десак, мажозий маънода айтган бўламиз, чунки ҳақиқий эгалик қилувчи зотида ҳам, сифатида ҳам ҳар қандай нарсадан беҳожат бўлиши керак. «Малик» сўзининг яна бир маъноси ибодат қилувчи обидларнинг қалбларига эга бўлувчидир. Инсон Аллоҳ таолони таниганидан бери Унинг муҳаббати доирасига кириб, тоатига машғул бўлиб қолади. Мўмин банда то Аллоҳга йўлиқмагунча «Парвардигорим мендан розимикан? Амалларимни қабул қилдимикан? Аллоҳ мени яхши кўрармикан? Амалларим холис бўлдимикан?» деган саволлар атрофида айланади.

Ал-Куддус. Қуддус сифатининг маъноси шуки, Аллоҳ ҳар қандай айблардан холи, нолойиқ сифатлардан покизадир. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Ушбу исм Қуръони каримда икки ўринда - Ҳашр сурасининг ушбу ояти ҳамда Жумъа сурасининг 1-оятида келган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам рукуъ ва саждаларида «Суббуухун, Қуддуусур Роббул малаикати вар-рууҳ» (УПокдир, Куддусдир, фаришталар ва Руҳнинг, яъни Жаброилнинг Парвардигоридир) дер эдилар (Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривояти). Демак, «Ал-Қуддус» сифати аввало “мутлақ пок” деган маънони англатар экан. “Биз Аллоҳни муқаддас билиб, поклаймиз, улуғлаймиз” деганда нафсларимизни поклаб, У Зот томон юзланишга тайёргарлик кўрамиз деган маънони ирода қиламиз. Инсоннинг ўз нафсини поклаб, мақомини Аллоҳ томон юксалтириши дунёдаги энг муҳим ишлардандир. Ал-Қуддус сифати “пок” деган маънони англатар экан, бунинг яна бир ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло гуноҳ ва айблардан пок бўлсаккина амалларимизни қабул қилади, демақцир. Ал-Қуддус сифатидаги поклаш ва улуғлаш деган маъноларга янада чукурроқ қарасак, бунинг асли тавҳид эканини англаймиз. Банда бу дунёда ўрганиши керак бўлган нарсаларнинг энг афзали тавҳиддир. Тавҳид деганда ибодатда Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзини ирода қилиш тушунилади. Ал-Қуддус сифатининг маъноси Аллоҳни инсоний сифатларнинг барчасидан поклашдир. Гоҳида инсон Аллоҳни ота каби меҳрибон ёки қози каби адолатли деб тасаввур қилади. Аммо Аллоҳнинг Зоти ва сифатлари бу каби ўхшатишлардан, ҳар қандай инсоний сифатлардан мутлақо йироқдир. Шунинг учун баъзи уламолар «Фикрингга келган барча нарсада Аллоҳ унинг аксидир», дейишган. Ал-Қуддус исми Аллоҳнинг зотига далолат қилади, шунинг учун у «исми зот»дир, қудусий сифатга далолат қилгани учун эса «исми сифат»дир, Аллоҳнинг феълига васф бўлгани учун «исми феъл» ҳамдир. Демак, ал-Қуддус исми ҳам зот, ҳам исми сифат, ҳам исми феълдир. Аллоҳ таоло Уз зотида муқаддасдир ва барча айбу нуқсондан холидир, чунки У барча камолот сифатлари билан васф қилингандир. Аллоҳнинг Ўзи муқаддасдир, Ўзи хоҳлаган бандаларини ҳам муқаддас қилади.

Ас-Салом. «Салом» сифати барча нуқсонлардан саломат Зот, шунингдек, тинчлик, хотиржамлик ва роҳат берувчи Зот деганидир. Аллоҳ «Салом» сифати билан бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ва соғлик ато қилади. Инсоннинг ўсиб-улғайиши Аллоҳнинг раҳматидир. Бу ўсиш мўътадил ва мақбул чегарага етгач, инсоннинг бўйи ўсишдан тўхтайди. Бир қарашда бу оддий ҳолат бўлиб кўринади, аммо аслида бу ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъмати экан. Зеро, шундай бир хатарли касаллик борки, бунда инсон ўсишдан тўхтамайди. Олимларнинг таъкидлашича, суяк ҳужайралари одатда қирқ йиллаб ухлайди. Аммо инсондаги суяк синса, ушбу ҳужайралар уйғониб, инсон суягини қайтадан тиклаб, бир-бирига улаб қўяди. Бир ўйлаб кўрайлик, синган суяк ўсмаса, бир-бирига уланиб, битиб кетмаса нима қилар эдик? Аллоҳнинг ас-Салом исми мана шу нуқталарда гавдаланади. Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳнинг ас-Салом исми инсоннинг соғ-омон юришига кафолатдир, бизнинг соғ-омон юришимизга кафилдир. Аллоҳнинг гўзал исмлари ҳақида ҳар қанча фикр юритмайлик, уларнинг адоғига ета олмаймиз. Ҳаётимизга Аллоҳнинг шариатини татбиқ қилсак, Аллоҳ бизга бу дунёдаёқ саломатлик ва омонлик беради. Аллоҳга юзлансак, Аллоҳ бизга нафс саломатлигини ато этади. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида Аллоҳнинг амрларига итоат қилсак, бу дунёдаги ҳаётимиз ҳам гўзал бўлади, Аллоҳ бизга охиратда ҳам омонлик беради.

Ал-Мўмин. Аллоҳ таолонинг “ал-Мўмин” сифати “имон ва омонлик берувчи” маъносини билдиради. Ал-Мўмин сўзи Қуръони каримнинг фақат битта жойида, яъни ушбу оятда келган. Аслида “мўмин” калимаси “тасдиқловчи” деган сўзни англатади. Мўмин киши тасдиқлайди, итоат қилади, амалий татбиқ этади, эшитган заҳоти амалга ўтади. Мусулмоннинг ҳаётидаги энг хатарли нарса тили билан ёлғонга чиқариш эмас, балки амали билан ёлғонга чиқаришдир. Масалан, охират ҳақ, жаннат ҳақ ва дўзах ҳақ дейди-да, лекин топадиган пули ҳаром, ишлаб чиқараётган нарсаси ҳаром, рибо (судхўрлик) билан аралашиб юради! Инсон бу каби гуноҳларни бажариб, қандай қилиб жаннат ва дўзах ҳақ деб айта олади. Агар айтгани рост бўлганида бундай ҳаром ишларга яқинлашмаган бўлар эди. Шунинг учун “мўмин” дегани Қуръонда келган нарсаларни тасдиқлаб, уни татбиқ қилган ва Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган нарсаларини тасдиқлаб, суннатни татбиқ қилган одамни англатади. Имон тасдиқлаш ва татбиқ қилиш деганидир. Ал-Мўмин исми Аллоҳга нисбатан ишлатилганида “У Зот одамларни омонликда қилиб, халқидан бирор кишига зулм қилмайди” деган маънони ифода қилади. Инсон фақат Аллоҳни Яккаю-ягона деб билганида ҳамда бутун иш якка Аллоҳнинг қўлида эканини билганида, бутун вужудию ўй-фикрларини Унинг Ўзига топширгандагина хотиржам яшайди. Ал-Мўминнинг яна бир маъноси, мазлумни паноҳига олиб, ҳомийлик қилишини англатади, гоҳида Аллоҳ мазлумга золимдан тўсиқ бўлиб, ҳомийлик қилади. Мана шу нарсалар ал-Мўмин сўзининг маъносидир.

Ал-Муҳаймин. Бу сўз “ҳамма нарсани қамраб олувчи” деган маънони билдиради. Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди. Ал-Муҳаймин исми юзага чиқиши учун бир нарсани амалга оширганда унга етарли илм ва қудрат бўлиши лозим. Бир одам бирор нарсани билади, аммо уни амалга оширишга қурби етмайди. Бошқа бир одамнинг бирор нарсани амалга оширишга қурби етади, аммо бунга етарли илми бўлмайди. Ал-Муҳаймин исмида учинчи сифат, яъни бардавомлик ҳам бўлиши лозим. Ал-Муҳаймин исмини Аллоҳ таолога нисбат берсак, бу сифатнинг маъносига кўра У Зот барча нарсани билади, У Зотнинг илмига ниҳоя йўқ, У Зотдан бирор нарса махфий қолмайди. У Зот кўзларнинг хиёнатини, одамлардан махфий бўлган сирларни билади. У Зот ерга кирган, ердан чиққан нарсани ва осмондан тушган, осмонга кўтарилган ҳар бир нарсани билади. У Зот инсоннинг миясига келган, инсон ният ва орзу қилган нарсаларни ҳам, қалбнинг энг тўридаги ҳис-туйғуларни ҳам билади. Бу нарсаларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида қамраб, назорат остига олишга эса инсоннинг қурби етмайди. Ал-Муҳаймин сифатли Зот барча нарсага қодирдир, У Зот ҳеч нарсадан ожиз қолмайди, У Зотнинг қудратига ниҳоя йўқдир. Ал-Муҳаймин исмининг маъносини янада кенгроқ тушуниш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафар олдидан айтган сўзларини келтириш мумкин. У зот сафар олдидан: «Аллоҳим! Сен сафардаги ҳамроҳсан, аҳли оила, мол-мулк ва фарзандларга ҳомийсан», дер эдилар. Аллоҳ билан беллашадиган, Унинг устидан ҳукмрон бўладиган бирор зот йўқ. Шунинг учун банда ал-Муҳайминга, яъни ҳамма нарсани қамраб олувчи Зотга суяниши керак, чунки У Зот ҳамма нарсани билувчидир, ҳамма нарсага қодирдир. Ал-Муҳаймин - ниҳоясиз илм, мукаммал қудрат ва узлуксиз бардавомлик сифатидир. Ал-Муҳаймин сўзининг фаръий маъноларидан бири яна шуки, «Аллоҳ барча нарсанинг устидан ҳукмрон ва назоратчидир» деганда У Зот истибдод ёки зўравонлик билан эмас, балки шафқат ва меҳрибонлик билан, муҳофаза ва омонатдорлик билан назорат қилиши тушунилади.

Ал-Азиз. Ал-Азиз сифатли Аллоҳ барчанинг устидан ғолибдир, ўта қудратлидир. Ундан ҳеч нарса ғолиб кела олмайди. Жамики азизлик маъноси Унинг Ўзига хосдир. Куч-қувват азизлиги ҳам Уникидир. Ман қилиш азизлиги ҳам Уникидир, У бунда ҳеч кимга, ҳеч нарсага муҳтож эмас. Қаҳр ва ғолиблик азизлиги ҳам Уникидир, ҳеч нарса Унинг изнисиз ҳаракат қила олмайди. Аллоҳнинг ал-Азиз исми Қуръони каримда юзга яқин ўринда келган. Ал-Азиз исмининг яна бир маъноси шарафдир. Ал-Азиз сифати “жуда нодир” деган маънода ҳам ишлатилади. Бу исмни Аллоҳ таолога нисбатан қўллаб ал-Азиз десак, Унинг тенги ва ўхшаши йўқ деган маънода ишлатамиз. Аллоҳнинг ал-Азиз исмини билиш инсонни азиз, бадавлат ва кучли қилади. Инсон азиз бўлишни хоҳласа, ал-Азиз сифатли Зот билан бирга бўлиши лозим. Мўмин кишига одамларнинг эҳтиёжи туша бошласа, у ҳам азиз бўлади, аммо унинг азизлиги тавозеъ билан йўғрилган бўлиши керак. Бу каби азиз бўлган одам мўмин бўлмаса, тубанликка юз тутади. Бошқаларга муҳтож бўлиш жузъий эҳтиёжларда холос. Масалан, инсон шифокорга бемор бўлиб қолгандагина муҳтож бўлади, аммо ухлашда эмас. Ал-Азиз исми Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилса, бунинг маъноси У Зотнинг яккаю ягона Зот экани, Унга ҳамма нарса ҳар бир ишда муҳтож экани тушунилади. У Зотга иҳота ва идрок қилиш орқали етишиш амримаҳол бўлиб, убудият, яъни бандалик, тоат-ибодат орқалигина етишиш мумкин, холос. Инсон Аллоҳни таниб, Унга итоат қилиб, кейин хор-зор яшаши мумкин эмас. У одамлардан бирор нарса тама қилса, улар бу одамни ёқтиришмайди. Аммо барча азизликнинг соҳиби бўлган Зотдан - Аллоҳдан бирон нарса тама қилса, У Зот ўша инсонни яхши кўради. Бинобарин, сен одам боласидан ҳеч нарса сўрама, ундан кўра эшиклари ёпилмайдиган Зотдан - Парвардигорингдан сўрагин. Ҳожатинг тушиб, бир инсондан бирор нарса сўрасанг, у сенга ғазаб қилади. Азизлик соҳиби Аллоҳдан эса бирор нарса сўрамасанг ғазаб қилади. Мўмин киши Аллоҳни азиз деб билгач, бошқа бирор махлуқотни улуғ деб эътиқод қилмаслиги, Аллоҳнинг қадаридан бошқа қадарни паст деб билмоғи, Аллоҳнинг зикридан бошқа зикрларни маҳв этмоғи лозим. Азиз қилувчи Зот Аллоҳ эканини билсанг, дунёдаги барча одамлар бирлашса ҳам, сени баланд даражага кўтара олмасликларини ёки Аллоҳ сени азиз қилиб, баланд даражотларга кўтарса, бутун дунё аҳли сени пастлатишга қодир эмаслигини биласан. Барчага маълумки, Аллоҳ азиз қиладиган мақомга фақат У Зотга ибодат қилиш, Унинг розилигини топиш орқали эришилади. Аллоҳнинг амрларини эъзозлаган инсонни Аллоҳ икки дунёда азиз қилади.

Ал-Жаббор. «Ал-Жаббор» сифатининг маъноси олий қадар улуғ Зот, ҳузурида ҳамма ўзини хор тутадиган Зот демакдир. У зот камбағалларни беҳожат қилади, ҳар бир қийналганни енгилликка чиқаради, мусибатга учраганларни сабот ва сабрга муваффақ қилади, агар мажбуриятларини адо қилишса, мусибат эвазига улкан ажрга мушарраф қилади. Синиқ қалблар у Зот сабабли тузалади. Ал-Жаббор сўзи Қуръони каримда бир жойда, ушбу ояти каримада зикр қилинган. Ҳаммамизга маълумки, Аллоҳнинг исми зот, исми сифат, исми феъл, исми танзиҳ ва исми таъзим каби исмлари бор. Ал-Жаббор исми исми таъзимга тааллуқлидир. Аллоҳ таоло баъзан махлуқотларини қийин бир имтиҳонга солади. Ушбу имтиҳонда Аллоҳнинг душманлари кучли бўлади. Улар айтган нарсаларини амалга оширадилар. Шунда имони заифлар уларни илоҳ деб ўйлаб, улар олдида тиз чўкишади. Аслида Аллоҳ таоло ал-Жаббор исмини ҳам, ал-Қаҳҳор исмини ҳам, ал-Азиз исмини ҳам ҳеч кимга топшириб қўймайди. Аксинча, бу мақомларга даъвогарлик қилишга уринганларни ер билан яксон қилади. Аммо У Зот бирор умматни йўқ қилиш учун маълум муддатни тайин қилиб қўйган бўлиб, ўша муддат келгунча қўйиб беради, холос. Кишилар ёки миллатлар ҳар қанча умр кўрмасин, агар зулм ва туғёнга кетиб, бошқаларга жабр-зулм қилишса, Аллоҳ белгиланган муддатда уларни яксон қилади. Ал-Жаббор сифати Аллоҳга нисбатан ишлатилганда комиллик маъносини англатиб, Унинг азаматига далолат қилади. Аммо инсонга нисбатан «Фалончи жаббор», яъни жабрситам қилувчи десак, бу исмда нуқсон бўлади, чунки у инсонда ноқис васф билан аталади. Банда нима қилса ҳам барибир бандадир, Робб эса Роббдир. Банданинг иши муҳтожликдир. Ҳақиқий ал-Жаббор сифатига эга бўлган Зот Аллоҳ таолодир. Уни идрок қилишга фикр ожиз, уни оддий кўз қамраб ололмайди. Ал-Жаббор сўзи нафс учун маҳбуб сўзлардандир. Аллоҳ мазлумга ҳам жаббордир (ёрдамчидир), камбағалга ҳам жаббордир, беморга ҳам жаббордир, маҳрумга ҳам жаббордир, муаммога учраган кимса учун ҳам жаббордир. «Ал-Жаббор» сўзининг биринчи маъноси етишиб бўлмайдиган даражада олий деганидир. Инсонга нисбатан «жаббор» сифатини ишлатиш фақат салбий маъ-нода бўлади, чунки у убудият устидан олий бўлмоқда. Аслида инсон Аллоҳга ва Аллоҳнинг ҳукмига бўйин эгиши керак эди. Агар бир инсонни жаббор, яъни қудратли ва бешафқат десак ҳам, Аллоҳ таоло уни албатта яксон қилади, деган маъно тушунилаверади. «Ал-Жаббор» сўзининг иккинчи маъноси ишларни ислоҳ қилувчидир. Аллоҳ синганларни созлайди, заифларга қувват ато қилади. Демак, Аллоҳ бирор кишининг аҳволини ислоҳ қилса, ўша банда эмас, У Зотнинг Ўзи ал-Жаббор бўлади, чунки заифни кучли қилган, жоҳилни илмли қилган, мазлумга ёрдам берадиган ҳам У Зотдир. «Ал-Жаббор» сўзининг учинчи маъноси золимга зарба бериб, мазлумга нажот берувчи Зотдир. «Ал-Жаббор» сўзининг тўртинчи маъноси хоҳлаган ишини бажарувчи Зот деганидир. «Ал-Жаббор» сўзининг бешинчи маъноси синган қалбларни жойига келтирувчи Зотдир. «Ал-Жаббор» сўзининг олтинчи маъноси Ўзи ирода қилган нарсага йўлловчи Зотдир. Сен бир нарсани хоҳлайсан, мен бошқа нарсани хоҳлайман, Аллоҳ эса Ўзи хоҳлаганини амалга оширади. «Ал-Жаббор» сўзининг еттинчи маъноси инсон тасаввури ета олмайдиган Зотдир. Аллоҳни қандай тасаввур қилмайлик, Ў Зот бунинг аксидир. Хаёлимизга Аллоҳ ҳақида нима фикр келса, Аллоҳунинг аксидир.

Ал-Мутакаббир. Бу сўз луғатда “катталик ярашувчи Зот, кибриёси ва улуғлиги беҳад” деган маъноларни билдиради. Ҳақиқатан мутакаббирлик қилиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос сифатдир, бандаларнинг Унинг бу сифатига даъвогарлик қилишларига асло ҳақлари йўқдир, ўзи ожиз банданинг Аллоҳ берган сифат ва имкониятларга кибр қилиши энг оғир гуноҳлардандир. Шайтон кибри туфайли Аллоҳга осийлик қилиб,Унинг даргоҳидан қувилган ва абадий лаънатга қолган. Бир инсон такаббурлик қилса, ҳақсиз такаббурлик қилган бўлади, чунки аслида у заиф, фақир ва жоҳилдир. Унинг такаббурлиги ботилдир. Аммо Аллоҳ таолони улкан десак, У Зотнинг азаматини ҳар қанча билмайлик, У Зот биз ўйлагандан ҳам буюкдир. У Зотнинг қудратини биламиз десак, У Зот биз ўйлагандан ҳам қудратлидир. Абу Саъид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Азизлик изорим, кибриё ридоимдир. Ким (бу иккисини) Мен билан талашса, уни азоблайман», дейди» (Муслим ривояти). Ким Иблисга ўхшаб ҳақдан кибр қилса, унинг имони бефойдадир. Бандалардан илми туфайли такаббурлик қиладиган ва ўзини бошқалардан афзал деб биладиган кимса энг ёмон мутакаббирдир. Унинг илми ҳам бефойдадир. Зеро, ким охират учун илм талаб қилса, илми уни босиқ, тавозеъли қилиб қўяди, қалби хушуъга тўлади ва нафси хотиржам бўлади. Илм унинг нафсига қўриқчи-посбон бўлиб олади ва ялқовлик қилмасдан ҳар вақт уни назорат қилиб, ҳисоб-китоб қилиб туради. Борди-ю, ғафлатда қолса, нафс ҳақ йўлдан бўйин товлайди ва ҳалок этади. Кимда-ким фахрланиш, бошлиқ бўлиш, мусулмонларни аҳмоқ қилиш, масхаралаш ва ўзини устун қўйиш учун илм талаб қилса, оят ва ҳадисларда айтилганидек, жаннатга кирмайди. Чунки барча куч-қувват буюк ва олий, кибриёси улуғ Аллоҳникидир.

24. У Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусаввирдир. Энг гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару Ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этади. У қудратлидир, ҳикматлидир.
Суранинг ушбу сўнгги оятида Аллоҳ таолонинг яна бир неча сифатлари ҳақида сўз боряпти.Уларни ҳам бирма-бир кўриб чиқайлик:

Ал-Холиқ - яратувчи Зот дегани. Ҳақиқатан Еру осмонлардаги, улар орасидаги жамики махлуқот ва мавжудотнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолодир. У энг майда ҳашаротлардан тортиб улкан филларгача, фаришталардан тортиб инсонлар ва жинларгача, тоғу тошлардан тортиб денгиз ва уммонларгача, ой, қуёш ва юлдузлардан тортиб борлиқ ва галактикаларгача яратган қудратли Зотдир.
Ҳеч бир зот Унинг яратиши каби қудрат ва иродага қодир эмас, ҳеч бир зот яратишда Аллоҳга шерик бўла олмайди.

Ал-Бориъ - йўқдан бор қилувчи, яратувчи Зот дегани. Аллоҳ азза ва жалла ҳамма нарсани йўқдан бор қилиб яратган. Аввалда атрофимиздаги бу бепоён борлиқ ҳам, Еру осмонлар ҳам, улар орасидаги беҳисоб мавжудотлар ҳам йўқ эди. Аллоҳуларни яратишни ирода қилди ва биргина “Кун!” (“Бўл!”) деган сўзни айтди, ҳаммаси пайдо бўлди. Биргина инсоннинг яратилишини олиб кўринг: аввалида у лой эди, кейин насли ҳақир бир сувдан тарқалди - бу ўшанда ҳатто тилга олгулик ҳеч нарса бўлмаган инсон яратилишининг ибтидоси эди, кейин уни ясаб, унга шакл-сурат берилди, унга руҳ пуфланди, шундан кейин инсонда эшитиш, кўриш, дил пайдо қилди ва ниҳоят у Одамга айланди. Мана шундай ҳолатда инсон ривожланишнинг сўнгги босқичига кирди, шунчаки “лой олиниб-пуфланиб” ва у бирданига инсонга айланиб қолмади.

Ал-Мусаввир - махлуқотларнинг суратини шакллантирувчи, уларга гўзал сурат берувчи Зот дегани. Ҳаёт лаззатларида ва жозибаларида, дарахтларнинг япроқлари-ю товус патининг рангин товланишида, капалакларнинг чиройли қанотлари-ю гулларнинг хушбўй ҳидида, булбуллар хониши-ю чақмоқнинг чақнашида, шамоллар шовқини-ю кишиларнинг фикр-амалларида, “коинот” дея аталмиш бу улуғ ва уйғун хилқатдаги юлдузлар ҳамда сайёраларнинг ўзаро боғлиқлигида Аллоҳ таолонинг Мусаввирлиги яққол кўриниб турибди.
Ҳадисларда келишича, Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта гўзал исми бордир (Бухорий ва Термизий), аслида дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир. Осмонда бўлсин, Ерда бўлсин, борлиқдаги барча нарсалар Аллоҳ таолони поклаб ёд этади, лекин биз уларнинг зикр-тасбеҳларини тушунмаймиз, эшитмаймиз. Аллоҳ таоло қудратли ва ҳикматли Зот бўлгани учун барча махлуқоти томонидан улуғлашга, Унга тасбеҳ айтишга, зикри билан машғул бўлишга муносиб зотдир.
Ривоятларда Ҳашр сураси охирги уч оятининг фазилатлари кўп зикр қилинган. Маъқал ибн Ясордан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар: «Ким тонг чоғи уч марта «Аъуузу биллаҳис-самийъул алийм минаш шайтонир рожийм» деса ва Ҳашр сурасининг охирги уч оятини ўқиса, Аллоҳ таоло салавот айтадиган етмиш минг фариштани унга вакил қилиб қўяди. Агар ўша куни вафот этса, шаҳид кетади. Ким кеч кирганда ўқиса, худди шу мартабага эришади» (Аҳмад ривояти).

Орқага Олдинга