loader

040. Ғофир сураси

Маккада нозил бўлган, 85 оятдан иборат
«Ғофир» сўзи луғатда «мағфират қилувчи» маъносини билдиради, Қуръони каримнинг қирқинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 85 оятдан иборат. Сура аввалида ушбу Қуръонни нозил қилган Аллоҳнинг бир неча сифатлари, жумладан Ғофир сифати санаб ўтилгани учун у шундай номланган. Шунингдек, сурада қиёмат кунидаги турли манзаралар, у Куннинг даҳшатлари ҳам тасвирланади. Ҳисоб-китоб учун оламлар Парвардигори ҳузурида халойиқнинг қўрқиб туриши, ҳамманинг амалига яраша жазо ёки мукофот берилиши васф қилинади. Бу сурада ҳам бошқа маккий суралардаги каби исломий ақида атрофида сўз юритилиб, ҳақ билан ботил, иймон билан туғён ўртасидаги Одам Ато давридан буён давом этиб келаётган кураш илоҳий қалам билан чизиб берилади. Унда Фиръавн хонадонидан бўлган ва ўзининг Аллоҳ таолога имон келтирганини сир тутиб юрган бир мўмин кишининг қиссаси келтирилгани учун уни «Мўмин сураси» деб ҳам аташади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Ҳа миим.
Сура кесик ҳарфлар - «ҳа» ва «мим» билан бошланмоқда. Бундай ҳарфлар ҳақида аввалги сураларнинг тафсирида батафсил сўз юритилган. Қуръони каримда еттита сура худди шу каби «Ҳа мим» ояти билан бошланади. Ғофир сураси уларнинг биринчисидир.

2. (Қуръон) қудратли ва билимли Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир.
Қуръондаги бетакрор услуб ва унда ўз аксини топган буюк илоҳий ҳикмат-мўъжизалар бу Китобнинг Аллоҳнинг сўзи эканини тўла тасдиқлаб туради. Куръонда ўн беш аср олдин хабар қилинган баъзи илмий ҳақиқатларнинг ҳозирги асрга келибгина, илмий-технологик кашфиётлар натижасидагина маълум бўлиши ҳам унинг илоҳий Калом эканига далолатдир. Қуръони карим шундайин бемисл мўъжизаки, ҳанузгача ҳеч қайси илм ва заковат соҳиби унинг бирор сураси даражасидаги ҳикматни айта олмаган. У шундайин мўъжизали каломки, ҳар қандай доҳиёна фикрлар ва башоратлар асрлар ўтгани сайин эскириб, яроқсиз ҳолга келганида Қуръоннинг оятлари, аксинча, вақт силсилаларида жилоланиб, янги оҳанг, янги мазмун касб этаверади. У шу қадар тубсиз уммон кабики, унинг саҳифаларидан илм-фаннинг барча соҳалари бўйича илмий мўъжизаларни, инсоният заковати қодир бўла оладиган кашфиётлар ҳақидаги башоратларни топа оласиз. Айни пайтда Қуръони карим чинакам ахлоқ-одоб, инсоний тарбия китоби бўлиб, минг йиллардан буён одамзодни чиройли фазилатларга, эзгуликка, ҳалолликка, меҳр-шафқатга чорлаяпти. Унинг сураларидаги ҳикматлар, ҳайратга солувчи оятлар барча замонлар, жамиятлар учун бирдай ҳақиқат йўлини кўрсатиши, Ер юзидаги ҳаётнинг беадад сир-асрорлари ва турмуш тарзи синоатларини равшан баён этиши, инсонни охират кунининг муқаррарлигидан ва ҳар қандай гуноҳжазосиз қолмаслигидан огоҳ қилиши билан илоҳий каломдир.

3. (Аллоҳ) гуноҳни мағфират қилувчи, тавбани қабул этувчи, азоби қаттиқ ва фазлу карам эгасидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Қайтиш Унинг Ўзигагинадир.
Ушбу ояти каримада бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолонинг фақат Унинг Ўзига хос бўлган тўртта сифати зикр қилинмоқда: 1) Аллоҳ таолонинг Ўзигина бандаларининг гуноҳини кечирувчи Зотдир. Ундан ўзга ҳеч бир зот бу ишни қила олмайди. “Иҳёу улумиддин”да келишича, бир киши “Аллоҳ мени қачон мағфират қилишини биламан”, деди. “Қачон?” деб сўрашди. “Тавбам қабул бўлган заҳоти” деди ўша киши”; 2) Аллоҳ тавбани қабул этувчи Зотдир. Ундан ўзга ҳеч бир зот тавбаларни қабул қила олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар кўкка етгудек гуноҳлар қилиб, кейин хатоларингиздан пушаймон бўлсангиз, Аллоҳ албатта тавбаларингизни қабул қилади” (Ибн Можа ривояти); 3) Аллоҳнинг азоби жуда қаттиқ. Шунинг учун дунёда гуноҳ ишларни қилиб, тавбага шошилмаган кимсанинг Аллоҳнинг азобидан омонда қоламан деб ўйлаши ғирт хатодир; 4) айни пайтда Аллоҳ таоло улкан фазлу карам эгаси ҳамдир. У ана шу сифати билан бандаларининг гуноҳларини мағфират қи-лади, тавбаларини қабул қилади, охиратдаги азобидан нажот беради, уларнинг солиҳ амаллари, тоат-ибодатлари эвазига савобларини кўпайтириб беради. Шу боис ҳам, ана шундай марҳаматли, карамли Зот бўлмиш Аллоҳнинг Ўзига тоатда бўлинади. Қиёмат куни барча махлуқот фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина қайтиб боради. Бу эса фақат Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишни, Унгагина бўйсунишни, фақат Унинг таълимотлари остида яшашни, фақат Унинг розилиги учунгина жидду жаҳд қилишни ва фақат Унинг Ўзига бутунлай таслим бўлишни тақозо этади.

4. Аллоҳнинг оятлари ҳақида куфр келтирганларгина тортишишади. (Эй Муҳаммад), уларнинг юртма-юрт кезишлари сизни алдаб қўймасин.
Аллоҳ таолонинг бандаларни икки дунё саодатига муяссар қилувчи, уларга тўғри йўлни кўрсатиб берувчи, инсониятнинг дунё ва охиратдаги ҳаётини белгилаб берувчи оятлари очиқ-ойдин, равшан, ҳеч қандай шубҳа-тахминларга йўл қолдирмайдиган илоҳий ваҳийлардир. Улар ҳақида фақат ақли ноқис, ҳақиқатни тан олмайдиган, имондан бебаҳра, куфр ва ширк ботқоғига ботган нодонларгина талашиб-тортишишади, турли тахмин ва гумонларга ғарқ бўлишади. Ҳолбуки, бу ҳақда тортишишга асло ўрин қолмаган. Аллоҳга ва Унинг ваҳийларига имон келтирган саодатманд бандалар бу оятларни ҳеч бир тараддудсиз, чин ишонч ва очиқ қалб билан қабул қилишади. Уларга сўзсиз амал қилишади, ҳаётларини ҳам илоҳий амрлар устига қуришади. Ўзларига тўғри йўлни кўрсатиш учун оятларини нозил қилган Парвардигорларига ҳамду санолар айтишади. Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақат кофирлар тоифасигина талашиб-тортишади, турли бемаъни гап-сўзлар тарқатади, шубҳага бориб, ўзича оятларни инкор қилмоқчи, бошқаларни ҳам адаштирмоқчи бўлади.
Ушбу ояти карима Макка кофирлари ҳақида нозил қилинган эди. Улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилиб, Пайғамбарини ёлғончига чиқаришса ҳам Парвардигор уларга дунё ҳаётининг барча неъмат ва кулайликларини тўла-тўкис қилиб бериб қўйган эди. Улар тижорат мақсадида турли юртларга сафар қилишар, катта мол-дунё топиб, фаровон ва тўкис ҳаёт кечиришар эди. Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтяптики, куфр эгаларининг бу дунёда турли ўлкаларга сайру саёҳат қилиб, дунё лаззатларидан бемалол фойдаланишлари сизларни алдаб қўймасин: бу имкониятлар уларни синаш учун берилгандир. Сизлар кофирларнинг куфри сабабли жазога тортилмай, инсониятга берилган барча имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланиб юришганидан ўксиб, тушкунликка тушманглар. Уларга охиратда ҳеч бир насиба йўқдир, улар куфрлари сабабли албатта дўзах азобига гирифтор бўлишади.
Ҳозирги пайтда ҳам айрим мусулмонларнинг кўз ўнгиларида содир бўлаётган бундай “адолатсизлик”ларга тушунмай ҳайрон бўлаётганлари, ўзлари имонли бўлганлари ҳолда машаққат ва етишмовчиликлар ичида, имонсиз кимсаларнинг эса барча неъмат-имкониятларга кўмилиб, дунёнинг лаззат ва шаҳватларидан ҳеч бир чекловсиз фойдаланиб юришлари ҳайронликка солади, тушкунликка туширади, ўкситади. Уларнинг тушунчасига кўра, дунё ҳаётида имон-эътиқодли мўмин-мусулмонларнинг аксарияти жуда фақирона, етишмовчиликлар билан ҳаёт кечиради: бири сира икки бўлмайди, туғилган юртидан ташқарига ҳам чиқмаган. Бунинг зидди ўлароқ, Аллоҳга ишонмайдиган, ибодатларни бажармайдиган, дунёга фақат айш-ишрат сургани келганларнинг ошиғи ҳамиша олчи. Улар беҳисоб бойликлар, шоҳона қасрлар, энг гўзал неъматларга эга ҳолда яшашади. Ҳар йили энг сўлим юртларга бориб дам олишади, тижорат билан сафарлар қилишади, дунёнинг улар кўрмаган мамлакати деярли қолмаган. Нега бундай, Аллоҳ-нинг бу ўлчови адолатсизлик эмасми? Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига баён этяптики, сизни ва мўминларни кофирларнинг бундай юрт кезишлари, уларнинг барча орзулари бу дунёда ушалиши, қўлларини қаерга узатса ҳам етиши алдаб қўймасин. Чунки бу нарса адолатсизлик эмас, айни адолатдир. Аллоҳ таоло жаннатга бориш йўлини машаққатли, ўнқир-чўнқир қилиб қўйган, дўзах йўлини эса осон ва жозибали кўрсатиб қўйган. Чунки булар ҳар икки томон учун ҳам синовдир. Машаққат-етишмовчиликларга қарамай, Аллоҳга имонида собит турганлар охиратда улуғ саодат ва марҳаматга сазовор бўлишади. Дунё ҳаётида фақат еб-ичиш, роҳат-фароғатни ўйлаб, имонсиз кетганлар учун эса аламли ва абадий азоб-уқубатлар тайёрлаб қўйилган.

5. Улардан олдин Нуҳ қавми ва улардан кейинги фирқалар ҳам ёлғончига чиқаришган эди. Ҳар уммат ўз пайғамбарини тутишга қасд қилган, ботил ёрдамида тортишиб, ҳақни йўқотмоқчи бўлган. Шунда Мен уларни тутдим, энди азобим қандай бўлди?!
Яъни, эй Пайғамбарим, Макка кофирларидан олдин ҳам қавмлар ўзларига юборилган пайғамбарларимизни ёлғончига чиқариб, уларга итоат этишдан бош тортишган эди. Нуҳ қавми ва у қавмдан кейин келган бир қанча фирқалар ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқаришди, амрларимизни бажаришдан бўйин товлашди. Улар фақат булар билангина чекланиб қолмай, пайғамбарларга озор беришди, ҳатто уларнинг жонига қасд қилишгача боришди. Улар ўзларининг ботил ақидаларига суяниб, улар ёрдамида ҳақни, яъни илоҳий амрларни инкор қилишди. Шунда ана шу итоатсиз, исёнкор қавмларнинг барини Аллоҳ ушлаб, Ўзининг қаттиқ азобига гирифтор айлади.
Дарҳақиқат, пайғамбарлар тарихига назар солсак, инсонлар ҳамиша исёнда бўлгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун охири бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса аламли жаҳаннам қийноқлари кутаётганидан огоҳлантирилган. Масалан, пайғамбар Нуҳ алайҳис-салом қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этди. Акс ҳолда, уларни аламли азоб кутаётгани ҳақида огоҳлантирди ҳам. Аммо гумроҳ қавм пайғамбарининг бу даъватларига қулоқ солмади, аксинча уни ёлғончига чиқарди. Шунда Аллоҳ томонидан Нуҳ алайҳиссаломга бир кема ясаш, унга ўзи, имон келтирганлар ва баъзи жонзотларни чиқариб олиб, нажот топиш буюрилди. Имонга келмаган золим қавм эса Аллоҳ таолонинг ҳукми илоҳийсига кўра, кучли тўфон ичра гарқ қилиб юборилди.
Од қабиласига эса ўз биродарлари Ҳуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилди. У қабиладошларини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирди, турли бутларга сиғинишдан қайтарди. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини қайта-қайта уқтирди. Лекин жисмонан бақувват, баланд бўйли, қоматдор Од қавми ўз куч-қудратига мағрурланиб, Ҳуд алайҳиссаломни калака қилди. Оқибат Аллоҳ уларга қаттиқ қурғоқчилик азобини юборди. Бунинг устига бепуштлик дардига дучор қилди. Од қавми шу тариқа ҳалокатга учраб, ер юзидан йўқ бўлиб кетди. Бунинг устига кофир ва қайсар қавм қиёматгача лаънатга дучор бўлди.
Самуд қабиласига эса биродарлари Солиҳ алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилди. У ҳам қавмини ота-боболари сиғиниб келган бутларга ибодат қилишдан қайтарди, ягона Аллоҳнинг ўзига бандаликка ва итоатга даъват этди. Аммо бу исёнкор қавм ҳам пайғамбари даъватларига қулоқ солмади, аксинча ундан мўъжиза кўрсатишни талаб қилди. Мўъжиза туфайли харсангтош туяга айлантирилганида Солиҳ алайҳиссалом туяга тегмасликни уқтиради. Аммо улар пайғамбар огоҳлантиришига парво қилмай, туяни сўйиб юборишади. Бунга Аллоҳнинг қаҳри келиб, адашган ва имонсиз қавм устига қаттиқ азоб юборди. Қавм умрида эшитмаган даҳшатли ва кучли қичқириқдан турган жойида тутдек тўкилиб, ҳалокат топди.
Ўзидан кейинги барча пайғамбарларнинг отаси ҳисобланган Иброҳим алайҳиссалом кўп худолилик кенг тарқалиб, бут ва тимсолларга сиғиниш авжга чиққан бир даврда дунёга келди. Ҳатто унинг отаси ҳам бутларга сиғинар, ўзи бут ясаб сотарди. Иброҳим алайҳиссалом ҳам қавмини ёлғиз Аллоҳга сиғинишга, Унинг амрига итоат этишга даъват қилди, бутларни синдириб ташлади. Аммо жаҳолатга ғарқ бўлган қавм унга қулоқ солиш ўрнига Иброҳимни ўтда куйдиришга қарор қилди. Ўша пайтдаги подшоҳ Намруднинг фармони билан Иброҳим алайҳиссалом бир ой ёқиб қўйилган катта гулхан қаърига улоқтирилди. Лекин у ўтдан эсон-омон чиқди, чунки Аллоҳнинг фармони илоҳийси билан олов уни куйдирмай омонда сақлаганди. Аксинча, золим ва жоҳил қавмга катта азоблар юборилди, подшоҳ Намрудга эса тузалмас бош оғриғи берилиб, ўша билан жони олинди ва дўзахга улоқтирилди.
Демак, аввалдан ҳар бир умматнинг кофирлари пайғамбарлар олиб келган ҳақни йўқотиш учун ботилни ишга солиб, қаршилик кўрсатишган, имонга куфр била қарши чиқишган. Пайғамбарлари келтирган шариатларни ширк ёрдамида йўққа чиқармоқчи бўлишган. Аллоҳнинг шариатига ўзларининг турли-туман урф-одатлари, ўзлари ўйлаб топган қонун-қоидаларини қарши кўйишган. Лекин кофирларнинг бу қилмишлари ўзларига бало бўлди, ўз мақсадларига етолмаганлари ҳолда дунё ва охиратда Аллоҳнинг аламли азобига учрашди.

6. (Эй Муҳаммад), куфр келтирганларга ҳам Парвардигорингизнинг Сўзи ана шундай ҳақ бўлди. Албатта улар дўзах эгаларидир.
Эй Пайғамбарим, Қуръони каримда қиссалари келган бу пайғамбарларнинг тарихи мўминларга бежизга эслатилмаётир. Аввалда бўлгани каби сиз келтирган илоҳий ваҳийларга куфр келтириб, сизга эргашиш ўрнига итоатсизлик кўрсатаётган Макка мушрикларини ҳам олдинги осий қавмларнинг қисмати кутиб турибди. Парвардигорингизнинг азоб Сўзи олдин ўтган кофир фирқаларга қандай ҳақ бўлган бўлса, ҳозирги куфр келтирганларга ҳам худди шундай ҳақ бўлди. Бунга ҳеч шубҳа бўлиши мумкин эмас. Улар куфр йўлини танлаганлари билан Аллоҳнинг дини зарар кўрмайди. Улар итоатсизлик қилгани билан борлиқда Аллоҳга имон келтирган қанчадан-қанча махлуқотлар бор. Улар инсон наслидан бўладими, фаришталар ёки жинларнинг вакилларими ёхуд Аллоҳ яратган бошқа мавжудотлар бўладими, барчалари ягона Парвардигорларига имон келтириб, Унинг амр-фармонларини сўзсиз бажаришади ва Унинг мукофотига сазовор бўлишади.

7. Аршни кўтариб турадиганлар ва унинг атрофидагилар Парвардигорларига мақтов билан тасбеҳ айтишади, Унга имон келтиришади ва имон келтирганларга мағфират сўрашади: «Парвардигоро, раҳматинг ва илминг билан ҳамма нарсани қамрагансан. Тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин;
Инсон ақли, онги ва тафаккури Аллоҳ таолонинг Аршини идрок эта олмайди. Унинг бу ҳақда билими ҳам йўқ, инсон фақат Қуръонда келган маълумотлар билангина чекланади. Биз Аллоҳнинг Арши мавжудлигини, уни фаришталар кўтариб туришинигина биламиз ва шунга имон келтирамиз. Шунингдек, инсон Аршни кўтариб турадиганлар ва унинг атрофидагиларнинг ҳақиқатини ҳам билмайди. Билгани - Аршни кўтариб турадиган, атрофини ўраб олган зотлар борлигидир. Улар, модомики, Аршни кўтариб турган ва унинг атрофини ўраб олган эканлар, шунга яраша куч-қувват ва мақом-мартабага эгадирлар.
Олтинхон тўра тафсирида зикр қилинишича, Аршни кўтариб турувчи фаришталар тўрт ададдир. Уларнинг атрофидаги фаришталар ҳамиша Парвардигорларига ҳамду сано йўллаб, тасбеҳ айтиш билан машғул бўлишади. Улар Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналигига имон келтирган ҳолда Парвардигорларини улуғлаш билан банддирлар. Улар ўзлари тасбеҳ айтишлари баробарида имон келтирган бандаларга Аллоҳдан мағфират сўраб, дуолар ҳам қилишади. Чунки инсон зурриёти оталари Одам алайҳиссалом хатога йўл қўйиб, вақтинча жаннатдан чиқарилганидан буён ҳамиша Парвардигорларининг мағфиратига - кечиришига муҳтождир.

8. Парвардигоро, уларни ҳам, оталаридан, жуфтларидан ва зурриётларидан солиҳ бўлганларини ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган Адн жаннатларига киритгин. Албатта, Сен қудратлисан, ҳикматлисан;
Аршни кўтариб турувчи фаришталар имонли бандаларга Аллоҳдан мағфират сўраб яна шундай дуолар қилишади: “Эй Парвардигоримиз, имон келтирган мўмин бандаларингни, уларнинг ота-оналари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан дунё ҳаётида солиҳ амаллар қилиб ўтган тақволиларини ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган мангу роҳат-фароғат маскани бўлган Адн жаннатларига киритгин. Сен албатта қудратлисан, ҳикматлисан, Ўз қудратинг билан бан-даларингни хоҳлаганча мукофотлайсан, Ўз ҳикматинг билан уларнинг амалларини ҳисоб-китоб қиласан.
Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу шундай деган: “Мўмин банда жаннатга кирганида “Менинг отам, онам, ўғлим, ака-укам, хотиним қани?” деб савол беради. Унга: “Улар амалда сенинг мақомингга ета олишмади”, деб жавоб берилади. Шунда у: “Мен ўзим учун ҳам, улар учун ҳам амал қилган эдим”, дейди. Кейин “Уларни ҳам жаннатга киритинглар!” деган ҳукм бўлади”.

9. уларни ёмонликлардан сақла, ўша Куни кимни ёмонликлардан сақласанг, ҳақиқатан, унга раҳм қилибсан. Мана шу буюк ютуқдир».
Ояти каримадаги “ёмонликлар” деб таржима қилинган “саййиот” сўзи бир неча хил маънони англатади: 1) сохта эътиқод, бузилган ахлоқ, ярамас амаллар; 2) имонсизлик ва бузуқликлар; 3) дунё ҳаётидаги турли касалликлар, мусибат ва қийноқлар, охиратдаги азоблар. Аршни кўтариб турган ва улар атрофидаги фаришталар имонли кишиларни ана шу ёмонликлардан асрашини сўраб, Парвардигорларига илтижо қилиб туришади. Аллоҳтаоло кимни ана шу ёмонликлардан асраган бўлса, ҳақиқатан У ўша бандасига раҳм қилиб, унга катта марҳаматлар кўрсатган бўлади. Мана шу нарса банда учун дунё ва охиратдаги энг катта ютуқдир.
Дуонинг бошида Аллоҳ таолога мақтов сўзларини айтиш дуонинг юксак одобларидандир. Бундай дуолар тез қабул бўлади. Аршни кўтариб ва унинг атрофини ўраб турувчи зотлар ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ҳамма нарсадан кенг эканини ёд этиб, мўминларга раҳмат қилишидан умидвор бўлмоқдалар. Мўмин киши учун Аллоҳ таолонинг ар-Раҳим исмидан кўра яқинроқ исм йўқ. Масалан, гоҳида соғлик раҳмат, офият раҳмат, фикр сокинлиги раҳмат, солиҳа хотин раҳмат, қобил фарзанд раҳмат, гўзал танилиш раҳмат, сукунат раҳмат, ўткир фикрли бўлиш раҳматдир. Агар шулардан бирортасига путур етса, тоқат қила олмайдиган жаҳаннамга айланади. Аллоҳ бизларни раҳм айлаб, бахтли қилиш учун яратган. Агар Аллоҳ бир бандага раҳм қилса, у бахт-саодатда ва муваффақиятда яшайди. Агар Аллоҳ бир бандани яхши кўриб қолса, унга раҳм қилади ва халойиқнинг қалбига уни муҳаббатини жойлаб қўяди. Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиш учун эса Унинг мағфиратини сўраш билан бўлади.
Гуноҳларга истиғфор айтиш, Аллоҳнинг мағфиратини сўраб, дуо-илтижолар қилиш бандани Аллоҳнинг азобидан қутқаришнинг энг мақбул ва ишончли йўлларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига истиғфорни кўп-кўп айтишни тавсия этганлар. Жумладан Саййидул-истиғфор дуоси ҳақида бундай деганлар: “Ким Саййидул-истиғфорни кечки пайт айтиб вафот этса, жаннат-га киради. Ким тонгда айтиб шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради”. Ушбу дуо қуйидагича: “Эй Аллоҳим, Сен - Парвардигоримсан! Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган ишларимнинг ёмонлигидан мени асрашингни Сендан сўрайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим ва гуноҳларимга иқрор бўлдим. Гуноҳларимни кечир, чунки Сендан бошқаси гуноҳларимни кечира олмайди” (Бухорий ривояти).

10. Дарҳақиқат, куфр келтирганларга: «Сизлар имонга чорланганда куфр келтирган чоғингиздаги Аллоҳнинг нафрати сизларнинг ўзингизга нафратингиздан каттароқдир» деб нидо қилинади.
Ҳақиқатан кофир кимсалар Аллоҳнинг ваҳийларини инкор этиб, Унинг Пайғамбарига итоатсизлик кўрсатиб, Аллоҳ азза ва жалланинг раҳматию меҳрибонлигидан маҳрум бўлишади. Уларнинг бу қилмишлари дунё ва охиратда ўзларига катта зарар келтиради: улар Аллоҳнинг нафратига учраганларидан ташқари ўзларининг ҳам нафратларига дучор бўлишади. Қиёмат куни ҳамма нарса очиқ-ойдин фош бўлиб, ҳисоб-китоблар ниҳоясига етгач, кофирларнинг жаҳаннамга киришлари аниқ бўлганида улар ўзларини ниҳоятда ёмон кўриб кетишади. Чунки дунёда хор, охиратда абгор бўлишларига ўзлари айбдор бўлишган эди. Улар Аллоҳни танимай, имон лаззатидан бебаҳра ўтишгани учун охиратда катта мусибатга учраб, ўзларидан ўзлари нафратланиб туришибди. Чунки Аллоҳ таоло имонга чақириб, ҳидоят ва икки дунё саодати йўлини кўрсатиб қўйганида ҳам, имонсизлик охиратда катта бадбахтликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирганида ҳам улар имонга келишмади, саодат йўлидан юз ўгиришди. Энди эса, Аллоҳнинг нафратига учраганлари етмай, ўз қилмишларидан ўзлари ҳам нафратланиб туришибди.

11. Улар айтишди: «Парвардигоро, бизларни икки марта ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг. Гуноҳларимизни эътироф этдик, энди чиқишнинг бирон йўли борми?».
Инсонда имон бўлмаганидан кейин ўзини Аллоҳ таоло яратганини ҳам, кейин вафот эттиришини ҳам, ўлгандан кейин қиёмат куни яна қайта тирилтиришини ҳам ўйламайди, бу ҳақда фикр юритмайди. Аллоҳнинг яратувчилик қудратини саркашлик билан тан олмай ўтиб кетади. Ишлар ҳал бўлиб, қиёматда қайта тирилган инсон Парвардигорининг ҳузурида ҳисоб-китоб учун ҳозир қилинганидагина бу ҳақиқатга ишонади, эътироф этади.
Ҳар сафаргидай кофирлар ҳамма нарсани вақт ўтгандан кейин тан олишмоқда, бўлар ишлар юзага чиққанидан кейин бор ҳақиқатни, жумладан, Аллоҳ таолонинг Парвардигор эканини, ўлдирувчи ҳам, қайта тирилтирувчи ҳам фақат Унинг Ўзи эканини эътироф этиб, Унга шундай нидо қилишмоқда: «Парвардигоро, бизларни икки марта ўлдирдинг», яъни аввал она қорнида ҳам ўлик ҳолда ётан эдик, кейин дунё ҳаётида яшаб бўлганимиздан сўнг иккинчи марта яна ўлдирдинг. Сўнгра эса “икки бор тирилтирдинг”, аввал она қорнида ўлик ҳолда ётганимизда жон киритиб тирилтирдинг ва қиёмат куни иккинчи марта қайта тирилтирдинг. Улар қиёмат рўёбга чиққандагина гуноҳларини эътироф этишди, аммо бу тан олишларининг асло фойдаси бўлмайди. Улар дўзахда абадий азобланишга маҳкумдирлар. Улар Парвардигорга ёлбориб, “Дўзахдан чиқишнинг, унинг азобидан қутулишнинг иложи борми?” дея нола қилишдан бошқа ишга ярамайдилар.
Абу Аҳвас Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: “Улар айтишди: “Парвардигоро, бизларни икки марта ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг” оятини Ибн Масъуд бошқа бир ояти карима билан изоҳлаб, шундай дейди: “Бу Бақара сурасида келади: “Бежон эдинглар, У жон берди. Кейин жонингизни олади, яна тирилтиради” (Бақара, 28).

12. Бу ёлғиз Аллоҳга даъват қилинганида куфр келтирга-нингиз, Унга ширк келтирилганида ишонганингиз учундир. Ҳукм олий ва буюк Аллоҳникидир.
Куфр ва ширк йўлини танлаганларни Аллоҳнинг пайғамбарлари, хоссатан охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ягона Аллоҳга имон келтиришга даъват қилишди. Аммо улар бу даъватларга қулоқ солишмади, имонга келишмади. Аксинча, ўзларига қироат қилинган илоҳий ваҳийларни инкор қилиб, Пайғамбарни ёлғончига чиқаришди. Қиёмат куни уларнинг аламли азобга гирифтор бўлиб, абадий дўзах азобини тортишлари аниқ бўлиб қолди. Улар бу аянчли оқибатлари ҳақида қанчалар бош қотиришмасин, алам билан надоматлар қилишмасин, энди ортга қайтишнинг асло иложи йўқ. Агар улар дунёда ягона Аллоҳга имон келтиришга, Унинг амру фармонларига бўйсунишга чақирилганларида Унгагина имон келтириб, тавҳидга амал қилишганида бундай расво аҳволга тушмаган бўлишарди. Уларнинг бундай хатарли оқибатга қолишлари Аллоҳга турли нарсалар шерик қилинганида ўшаларга имон келтириб, мушрик бўлишгани учундир. Қиёмат куни афсус-надоматларнинг фойдаси йўқ, тавба қилишнинг имкони қолмаган, чунки ўша куни барча ҳукмлар олий ва буюк Аллоҳгагина тегишли бўлади. Унинг ҳукми эса қатъий, ўзгармас ва ўта адолатлидир. Ҳар бир банда дунё ҳаётида қилган амаллари учун мукофот ё жазосини олади. Куфр ва ширк эгаларига ўша куни ҳеч қандай раҳмат ва мағфират бўлмайди.

13. У сизларга Ўз аломатларини кўрсатадиган, осмондан сизларга ризқ туширадиган Зотдир. Фақат кўп илтижо қиладиган кишигина эслатма олади.
Аллоҳ таоло бандаларига Ўзининг тавҳидига, чексиз яратувчилик қудратига далолат қилувчи турли аломат-мўъжизаларни кўрсатадиган Зотдир. Инсонлар булардан ибрат олиб, Аллоҳнинг ваҳдониятига имон келтиришлари, ҳамиша Унинг амр-фармонларини бажаришлари лозим. Аллоҳнинг қудрати ва ҳикмати фақат шулар билангина чекланмайди. Аллоҳ таоло барча махлуқотига осмондан ризқ-рўз тушириб, уларнинг ҳаёт кечиришлари учун улкан имкониятларни яратиб беради. Ҳақиқатан, агар У осмондан ҳаёт манбаи бўлмиш сувни (ёмғир-қорни) туширмаса, Ер юзида ҳаёт тугаган, ризқ манбалари йўқолган бўлур эди. Осмондан тушган ёғинлар ҳаёт учун зарур бўлган энг буюк неъматлардир. Улар ёрдамида инсонлар экин ўстиришади, боғлар ташкил қилишади, чорва ҳайвонларини боқишади, ўзлари ташналикларини қондиришади. Агар сув ва қуёш нури бўлмаса, ерда бирор экин ёки дарахт ўсмай-ди, ризқ манбалари кесилади, ҳаёт тамоман тугайди. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатни фақат Аллоҳга илтижо ва тавбалар билан қайтадиган, ҳамма ишда Унга ёлборадиган, Унгагина юкунадиган инсонларгина яхши англайдилар, бундан ибрат-эслатма оладилар.

14. (Эй мўминлар), кофирлар ёқтиришмаса ҳам Аллоҳга динни холис этган ҳолингизда Унга илтижо қилинглар.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримасида мўминларга хитоб қилиб, динни Аллоҳга холис қилган ҳолда, яъни ихлос билан ибодат қилинглар, деб буюрмоқда. Арабча “ихлос” (холислик) сўзи истилоҳда чин юракдан, ишонч билан берилиб, Аллоҳ таолога ибодатни худди У Зотни кўриб тургандек бажариш маъносини билдиради. Аллоҳни кўриб тургандек ҳиссезги билан яшаб, Ўзининг розилигини кўзлаб туриб бажарилган амалларгина холис бўлади. Ихлос ибодатнинг мағзидир. Баъзи ҳакимлардан «Мухлис-ихлосли киши ким?» деб сўралганида, улар: «Ёмонликларни беркитгандек яхшиликларини ҳам беркитган кишилар мухлислардир», деб жавоб қилишган. Уламоларимиз: «Ихлоснинг зидди ширкдир. Мухлис бўлмаган киши мушрикдир», дейишган.
Баъзи олимларнинг фикрича, амал бобидаги ихлос икки дунёда ҳам амалнинг мукофотини истамасликдир. Ибодат орқали дунё учун ёки охират учун бирор манфаат талаб қилиш ихлосга зиддир. Мўмин киши Аллоҳ таолонинг холис Ўзига ихлос билан ибодат этиши, дуо ва илтижолар қилиши, ёлбориши лозим. Ихлос билан амал қилувчи киши ибодатида бошқа бировларнинг муносабатига, маломатига мутлақо эътибор бермайди. Кофирлар унинг ихлосини ёқтирмаса ҳам ибодатларида ва амалларида холисликни тарк этмайди. “Кофирларга ёқмас экан” деб, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига динни холис қилиб ёлворишдан, ибодат қилишдан, Унинг йўлига юришдан ортга чекинмайди.

15. У даражаларни кўтарувчи, Арш эгасидир. У Ўз амри билан бандаларидан хоҳлаганига мулоқот кунидан огоҳлантириш учун руҳни нозил қилади.
Аллоҳ таоло барча мақом ва даражалардан юқори, олий турувчи Зотдир. Аллоҳ таоло Арш эгаси бўлгани учун ҳам ҳаммадан устун, ҳаммага ҳукмини ўтказувчидир. У Зот нимани хоҳласа, шуни қилади. Унинг хоҳишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди. У хоҳлаган бандасининг даражасини юқорига кўтаради, хоҳлаганини пасайтиради. Ояти каримадаги «мулоқот (учрашув) куни»дан мурод, қиёматдир. «Руҳ» эса ваҳий ва уни олиб келувчи фариштани англатади. Даражаси ниҳоятда юксак, Аршнинг эгаси бўлган, хоҳлаган ишини қи-ладиган, хоҳлаган бандасининг даражасини кўтариб-пасайтирадиган Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандасини пайғамбар қилиб танлаб олади. Ўша бандага руҳни - ваҳийни туширади. Ушбу оятда ваҳийнинг «руҳ» деб аталиши улкан маъно касб этади. Аллоҳдан келган ваҳий ва таълимотлар бандалар учун маънавий руҳ - жон озиғидир.
Шунинг учун ҳам Аллоҳдан нозил қилинган руҳга - ваҳийга эргашмаганлар маънавий жиҳатдан ўликлар саналади.

16. Улар юзага чиқадиган Кунда Аллоҳга уларнинг бирор нарсаси махфий қолмайди. Ўша куни ҳукмронлик кимники? Ягона, ғолиб Аллоҳникидир!
Одамлар қабрларидан чиқиб, Парвардигорларининг ҳузурида ҳисоб-китоб учун саф тортиб чиқишганида бандаларнинг дунё ҳаётида қилган бирор иш-амали, яхшилиги ва ёмонлиги Аллоҳ таолодан махфий қолмайди. Чунки У ҳамма нарсани, ҳатто энг майда савоб ва гуноҳ ишларни билиб турувчи Зотдир. Ушбу ҳақиқатни алоҳида таъкидлашдан мурод, қиёмат куни кофир, мушрик, мунофиқ ва осий кимсалар “Қилмишларимиз катта жамоат тўпланган тўс-тўпалон ичида махфий қолиб, Аллоҳ бизларни жазоламаса яхши бўларди” деган хомхаёлга бормасликлари учундир. Ана шундай таҳликали ва қўрқинчли дамларда ғойибдан “Бугун ҳукмронлик кимга тегишли?” деган бир нидо янграйди. Яна ўша овознинг ўзи “Барча ҳукмронлик ёлғиз ва ҳамма нарсадан ғолиб Аллоҳникидир!” деган жавобни айтади. Яъни, қиёмат куни ҳамманинг устидан ягона ҳукм чиқариш ал-Қаҳҳор сифатли, ўта қудратли, ҳамма нарсадан ғолиб, бемисл куч-қудрати билан бутун борлиқни Ўз низоми асосида идора қилувчи Аллоҳникидир. Ўша куни Аллоҳ таолонинг Ўзигина ҳамма нарсада ягона ҳукм юритади. У куфр ва ширк келтирганларга, мунофиқ ва осийларга нисбатан ўта қаҳрлидир.

17. Ўша кунда ҳар бир жон ўз қилмишига яраша жазо олади. Бу кунда зулм йўқдир. Аллоҳ албатта тез ҳисоб қилувчидир.
Қиёмат куни ҳеч бир жонга зулм қилинмайди, ҳеч ким ноҳақ жазоланмайди. Ёки гуноҳи оз кишиларга қаттиқ азоб берилишга, гуноҳга ботганларнинг азоби енгиллатилишига йўл қўйилмайди. Ўша кунда ҳар бир махлуқот Аллоҳнинг буюк адолатига биноан фақат ўз қилмишига ва гуноҳининг салмоғига қараб жазоланади. Шаръий далилларга кўра, охиратда ҳам дунёдаги каби азобнинг турлари хилма-хил бўлади. Имоннинг қувватли ва заифлигига, тоат ва гуноҳларнинг озу кўплигига қараб охират азоблари ҳам фарқланади. Азобнинг кўплиги ва қаттиқлиги гуноҳнинг кўплиги ва қабиҳлигига, азобнинг хилма-хиллиги эса гуноҳнинг хилма-хиллигига боғлиқ. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳар бир бандасининг ҳисобини тез қилиб, Ўз адлига биноан уларнинг дунё ҳаётидаги қилмишларига яраша мукофот ё жазосини беради. Махлуқотидан ҳар бирининг дунё ҳаётидаги барча амалини ҳисоблаш Аллоҳга жуда осондир.

18. (Эй Муҳаммад), уларни яқинлашувчи Кундан огоҳланти-ринг. Ўшанда юраклари бўғзиларига тиқилиб, аламга тўлиб туришади. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам бўлмайди.
Аллоҳ таоло охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қиляптики, эй Пайғамбарим, ўзингизга нозил қилинган ваҳийларимизни атрофингиздаги одамларга етказинг. Уларни тобора яқинлашиб келаётган қиёмат кунининг даҳшатларидан, ўша куни одамзодга имонидан ва солиҳ амалларидан бошқа ҳеч бир нарса ёрдам беролмаслигидан огоҳлантиринг. Улар ҳозирча қиёматнинг тезда келишига ишонмай, сизга эргашишдан бош тортиб туришган бўлсада, ўша кун шундай тез етиб келадики, мушриклар ҳатто ўзларини ўнглаб, хаёлларини жамлаб олишга ҳам қодир бўла олмайдилар. Ўшанда улар қиёматнинг даҳшатидан, бошларига келган оғир мусибатлардан шунчалар абгор ва ночор бўлиб қолишадики, жонлари ҳалқумларига, юраклари бўғзиларига тиқилиб қолади. Оғир қисматларидан ғам-аламларга ботиб кетишади. Энг даҳшатлиси, кофир ва мушрик кимсалар учун ўша кунда ёрдам бера оладиган, жонига ора кирадиган, мангу азобдан қутқариб қоладиган бирорта дўст-мададкор ҳам, гапига қулоқ солинадиган, ҳомийлигидан умид қилинадиган бирор шафоатчи ҳам бўлмайди. Дунё ҳаётида куфри ва ширки билан ўзига ҳамда ўзгаларга зулм қилиб юрган кимсалар ана шундай аянчли оқибатга дучор бўлишади.

19. У кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билади.
Атрофимиздаги борлиқда Аллоҳ таоло билмайдиган бирор воқеа, ҳолат ёки махлуқ йўқ. У ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бўлганидан кейин Ўзи яратган нарсаларнинг сирини, сифатини, тақдирини, ҳатто ичидан ўтаётган кечинмаларигача билади. У кўзлар қилган хиёнатни, яъни номаҳрамларга ўғринча солинган назарларни ҳам, диллардан кечиб ўтган, ҳаммадан пинҳон тутилган сир-асрорларни ҳам энг майда-чуйдасигача билиб турувчи Зотдир. Аллоҳ ҳамма нарсани яхши билиб тургани учун ҳам У бандалари-нинг имон-эътиқодларини ҳам, тилда Аллоҳга имон келтирганлари ҳолда дилларида осийлик қилаётганларини ҳам билиб туради. Шунинг учун инсонлар огоҳ бўлишсинки, тилда мўминлик даъвосини қилиб, амалда мушриклик ёки мунофиқлик қилаётганлар Парвар-дигорларининг аламли азобидан омонда қоламиз деб, хомтама бўлишмасин.

20. Аллоҳ ҳақ билан ҳукм қилади. Уларнинг (Аллоҳни) қўйиб илтижо қилаётганлари эса бирор нарсага ҳукм қилолмайди. Аллоҳнинг Ўзи эшитувчидир, кўриб турувчидир.
Аллоҳ қиёмат кунида ягона ҳукм чиқарувчи бўлгани учун ўша куни махлуқотларнинг амаллари ҳақида ҳақ ва адолат билан ҳукм қилади. Ҳеч бир зот Унинг ҳукмини ўзгартира олмайди, бошқасига алмаштиришга қодир бўлмайди. Дунё ҳаётида Аллоҳнинг кўрсатган йўлига юрмай, бошқа таълимотларга ўзини урганлар, Аллоҳнинг ҳукмини тарк этиб, бошқа ҳукмларни жорий этишга уринганлар ўша куни ниҳоятда ночор ва иложсиз бир ҳолатда қолишади. Ҳамма нарсада Аллоҳнинг ҳукми илоҳияси жорий бўлиб турибди. Улар ишониб, сиғиниб юрган сохта “илоҳ”лар, бут-санамларнинг қўлидан ҳеч нарса келмай, ўзлари ёрдамга, нажотга муҳтож бўлиб туришибди. Аллоҳдан ўзга нарсалар, жумладан, мушриклар илтижо этаётган бут-санамлар ҳеч нарсага ҳукм қила олмаяпти. Агар мақсад адолат ўрнатиш бўлса, энг одил, энг ҳақ илоҳий ҳукм туриб, ўша сохта “илоҳ”лари нима учун бошқа ҳукмларни ахтаришади? Кофир ва мушриклар Аллоҳ таолога куфр ҳамда ширк келтиришдан олдин атрофларига назар солиб, ўйлаб кўришса бўлмайдими? Агар озгина ўйлаб кўришганида Аллоҳ таоло ҳамма нарсани эшитиб, кўриб турувчи Зот эканига олдинроқ имон келтирган бўлишарди!

21. Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Ҳолбуки, ўшалар куч-қувват-да ва Ер юзида из қолдиришда булардан устун эдилар. Шунда Аллоҳ уларни гуноҳлари сабабли ушлади. Уларга Аллоҳдан ўзга бирорта қутқарувчи бўлмади.
Кофир кимсаларнинг адашувига сабаб бўлувчи энг катта хатоларидан бири уларнинг ўзларидан олдин ўтган қавмларнинг қисматидан ибрат олмасликларидир. Улар аввалгиларнинг Аллоҳга осийлик қилиб, Унинг ваҳийларини инкор этиб қандай оғир оқибатга қолганлари ҳақида ўйлаб кўришмайди. Итоатсизиклари сабабли улар бошига келган мусибат ва жазолардан ибрат олишмайди. Олдин ўтганларнинг ҳалокатига сабаб бўлган хатоларни яна айнан такрорлайверишади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримнинг кўпгина оятларида инсонлар эътибори мана шу масалага қайта-қайта қара-тилаверади.
Тарихда ўтган Од, Самуд каби қавмларнинг қисматидан шу нарса яхши маълумки, Аллоҳнинг ҳукмлари инсониятнинг барча авлодларига бирдай тегишлидир. Аллоҳ итоатсиз, имонсиз қавмларнинг бирини қолдириб, бошқасини жазоламайди, уларни Ер юзидан йўқ қилиб юбормайди. Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилаётган кофир ва мушриклар Ер юзида юриб, олдин ўтган қавмларнинг оқибати нима билан тугаганини кўришмайдими? Агар шундай қилишганида ўтмишдагиларнинг Аллоҳга қилган итоатсизликлари учун қандай азоб ва мусибатларга учраб, Ер юзидан йўқ қилиб юборилганига гувоҳ бўлишарди. Ваҳоланки, улар ҳозиргилардан куч-қувватда, салоҳиятда, иқтидорда устун бўлишган. Уларга ҳам пайғамбарлари аниқ ҳужжат-далиллар, мўъжизалар билан келиб, қавмларини Аллоҳнинг ҳақ динига, тавҳид ақидасига даъват қилишган эди. Аммо улар пайғамбарларнинг чорловларига эътибор беришмади, ҳидоят йўлига юришмади, ҳатто Парвардигорларининг ваҳийларини инкор қилиб, пайғамбарларни ёлғончига чиқаришгача боришди. Аллоҳ азза ва жалла уларга тўғри йўлни топиш, ҳидоятга келиш учун маълум муҳлат берди. Шунда ҳам имонга келишмагач, уларнинг бошига бало ва азобини юборди.
Куфр ва ширк ботқоғидан чиқа олмаётган маккаликлар ҳам Ер юзини кезиб, олдингилардан қолган асоратларни, уларнинг фаровон ҳаётидан сақланиб қолган из ва қолдиқларни кўришганида эди, куфр ва ширк сиртмоғидан қутулган, икки дунё саодатига эришган бўлишарди. Аллоҳ уларнинг бошига бало-азобини юбориб, уларга зулм қилгани йўқ, аксинча, уларнинг ўзи куфр ва ширкка мубтало бўлиб, ўз жонларига зулм қилишди. Шунинг учун қудратли Зот уларни гуноҳлари сабабли Ўз қабзида ушлади. Аллоҳ тутганидан кейин Унинг азобидан, қабзидан бандани қутқариб қолувчи ҳеч бир куч бўлмайди!

22. Бунга сабаб, уларга пайгамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келишганди, улар эса куфр келтиришди. Шунда Ал-лоҳ уларни ушлади. Зеро, У кучли ва азоби қаттиқдир.
Аллоҳ таоло бандаларининг қилмишлари учун дарров жазолашга шошилмайди, балки уларга ўзларини ўнглаш, ҳидоятга келиш учун маълум муҳлатни бериб қўяди. Энг аввало, улар орасига ўзларидан бўлган пайғамбар ва даъватчиларни юборади, уларга Ўз ваҳийларини, амр-фармонларини очиқ-ойдин ва равшан ҳолда етказишни буюради. Агар улар пайғамбарларга эргашиб, илоҳий ваҳийларга имон келтиришганида икки дунё саодатини қўлга киритган бўлишарди. Аммо инсонларнинг аксарияти бундай йўл тутмади: Парвардигорига осийлик қилди, ваҳийларни инкор этди, пайғамбарларни ёлғончига, мажнунга, сеҳргарга чиқарди. Аллоҳ таоло ўша куфр келтирганларни гуноҳлари туфайли ҳалок этди.
Ер юзининг қаерига борманг, қайси қавм ёки миллатнинг тарихини текширманг, оқибат ҳамиша шундай якун топган. Дунё тарихида пайғамбарларга куфр келтирган бирор қавм ҳалокатга учрамай қолмаган. Барча кофир ва мушрик қавмлар албатта йўқ қилиб юборилган. Чунки улар ўз куфр ва ширклари билан Аллоҳга қарши чиқишган, Унинг амрларини инкор этишган. Бундайларни эса дунё ҳаётининг ўзида аянчли оқибат, даҳшатли ҳалокат, қўрқинчли қисмат Ер юзидан супуриб ташлаган. Охиратда эса уларни Аллоҳнинг аламли ва абадий азобдан иборат оғир жазоси кутиб турибди. Аллоҳ азза ва жалла кучли ва азоби қаттиқ Зотдир.

23. Мусони Ўз оятларимиз ва очиқ-ойдин ҳужжат билан юбордик;
Ояти каримадаги “очиқ-ойдин ҳужжат”дан мурод, Фиръавн билан бўладиган аёвсиз жангда Мусо алайҳиссаломга қўл келадиган, ғолиб бўлишига ёрдам берадиган кучли, айни пайтда асосли далил ва ҳужжатлар эди. Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, Биз Мусога Ўз фазлу карамимиз ва қудратимиз билан очиқ мўъжизаларни бердик. Шунингдек, унга дин душманларини барбод қилиб, ҳалок этиши учун кучли ҳужжатларни ҳам ато этдик.

24. Фиръавнга, Ҳомонга ва Қорунга. Шунда улар: «(Мусо) ёлғончи сеҳргардир», дейишди.
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларидан бири Мусо алайҳиссаломни Миср юртига, Фиръавн, Ҳомон ва Қорунларга очиқ-ойдин ҳужжат билан юборган эди. Мусо алайҳиссалом катта бир қавмга пайғамбар қилиб юборилган бўлса-да, нега Аллоҳ таоло бу уч кимсани алоҳида зикр қилмоқда? Чунки улар Мусо алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган жамиятнинг етакчилари, йўлбошчилари, халқни эргаштирувчи раҳнамолари эди. Аммо айнан ана шу уч киши Аллоҳнинг пайғамбарига қарши чиқди, унга кўп озорлар етказди, у олиб келган илоҳий рисолатни ёлғонга чиқарди. Фиръавн қадимда Мисрда ҳукмронлик қилиб ўтган подшоҳларнинг умумий номи бўлган. Бу ерда Фиръавн дейилганда Мусо алайҳиссалом замонида яшаб ўтган, ўта золимлиги, жоҳиллиги ва имонсизлиги билан танилган Менфтоҳ ибн Рамзес Иккинчи кўзда тутилган. Ҳомон эса Фиръавнга ўхшаш золим ҳукмдорлардан бўлган, ўша золим подшоҳнинг хоҳиши бўйича иш юритувчи, халқни эзишда унга энг кўп ёрдамлашувчи гумашта вазир тимсолидир. Қорун эса Мусо алайҳиссалом қавмидан бўлган бир бадавлат киши эди. Аллоҳ таоло унга беҳисоб бойлик ва мол-мулк ато этганди. Аммо ношукр ва исёнкор бўлгани учун Қорунни, уй-жойларини ва бутун бойлигини ер ютган. Қорун қиссаси Қасас сурасида батафсил баён қилинган.
Қавм наздида улуғ саналган бу имонсиз кимсалар Мусо алайҳис-саломга қарши тинмай туҳмат, бўҳтон ва макр-ҳийла ишлатишган, уни бадном қилиш учун турли айбларни тақаб, шарманда қилишга уринишган. Аллоҳнинг пайғамбарини ёлғончи сеҳргарга чиқариш, унинг оламлар Парвардигори томонидан рисолат билан юборилганини инкор қилиш ҳам ана шу туҳматларнинг бир қисми эди. Қавм ҳам худди юввош қўйлар каби ҳеч бир ақл юритмай, золимларга эргашиб кетаверарди. Шундай қилиб, имон ва куфр ўртасидаги биринчи тўқнашувдаёқ нодон қавм Аллоҳнинг мўъжизалари билан қуролланган Мусо алайҳиссаломни сеҳргар ва ёлғончига чиқарди. Улар буни фақат буғзу адоват, ҳасад балосига гирифтор бўлганлари, дунёнинг озгина ўткинчи матоҳига ўта ташна бўлганлари учунгина қилишди. Улар “Агар Мусога эргашсак, у биздан устун бўлиб олади, унинг динига кирсак, барча мол-дунёларимиздан айрилиб қоламиз” деб ўйлашарди.

25. (Мусо) уларга ҳузуримиздан Ҳақ билан келганида, улар: «У билан бирга имон келтирганларнинг ўғилларини ўлдириб, қизларини тирик қолдиринглар», дейишди. Кофирларнинг макр-ҳийласи залолатдадир.
Яъни, Мусо алайҳиссалом золим ашрофларнинг олдига бориб, Аллоҳ таоло буюрган нарсаларни айтган ҳолда уларни даъват қилганида улар жоҳилона таҳдид билан “Мусо билан бирга имон келтирган, унинг динига кирган одам борки, ҳаммасининг ўғил чақалоқларини битта қўймай ўлдиринглар, фақат қиз болаларни тирик қолдиринглар, улар катта бўлишгач, сизларга чўрилик қилишади, улар учун бундан ҳам ортиқ хорлик бўлмаса керак?” дейишди. Оятдаги “уларга ҳузуримиздан Ҳак, билан келганида...”жумласидан ушбу золимларнинг ҳар бирига даъват ва хитоблар етиб келганини англаб олиш мумкин. Улар ўзлари ҳақни талаб қилишмади, балки Аллоҳ таоло раҳмати нишонаси сифатида пайғамбари Мусо алайҳис-салом орқали уларга Ҳақни юборди.
Бани Исроил қавмини ўзига қул қилиб олган Фиръавн бу халққа қарши турли азоб-уқубатларни ёғдирар, нима қилиб бўлса ҳам, уларни мутеъликда ушлаб туриб, ўз манфаати йўлида ишлатишга уринар эди. Ўзига қарши ёш йигитлар бош кўтариши мумкинлигини яхши билган Фиръавн Бани Исроилда туғиладиган қиз болаларга тегмай, ўғил болаларни ўлдиришга фармон берган эди. Имом Розийнинг айтишича, “Бу қирғин Мусо алайҳиссалом туғилган вақтда амалга оширилган қатлиом эмасди. Аввалги ўлдиришга мунажжимларнинг Фиръавнга Бани Исроилдан бир бола чиқиб, уни ўлдириши ҳақида маълумот берилгани сабаб бўлган. Бу сафарги оммавий қатлга сабаб шу эдики, Мусо алайҳиссалом уларга мўъжиза ва ҳақ калималар билан келиб, уларни Аллоҳтаолога имон келтиришга чақирган эди. Шунда Фиръавн Мусо алайҳиссаломнинг динига кираётганларнинг сони кўпайиб кетмаслиги ва улар кейинчалик ҳам кучаймаслиги учун имон келтирганларнинг ўғил чақалоқларини ўлдиришга буюрган. Ўз-ўзидан равшанки, бирор жамоанинг жисмоний ва руҳий тарафдан кучайишига аёллар эмас, балки айнан эркаклар сабабчи бўлишади. Фиръавннинг ўғил болаларни ўлдиришга қарор қилганининг сабаби ҳам аслида шу эди” (“Тафсиру Фахрур-Розий”, 7-жуз, 302-бет).
“Кофирларнинг макр-ҳийласи залолатпдадир” жумласи барча замон ва маконларда кофирлар шаънини пастга уриш, мўминлар Ҳақ йўлда сабот билан олға боришлари учун улар қалбига руҳ бағишлаш ва охир-оқибат зафар фақат ва фақат мўминларга бўлишини англатиш учун айтилган. Яъни, куфр келтирганларнинг макр-ҳийлалари узоққа бормайди, улар мўминларга заррача зарар келтира олишмайди, чунки уларнинг йўллари залолат ва ботилдир.

26. Фиръавн айтди: «Менга қўйиб беринглар, Мусони ўлдирай. Қани, у Парвардигорига дуо қилсин-чи! Мен унинг динингизни ўзгартиришидан ёки Ер юзида бузғунчилик чиқаришидан қўрқмоқдаман».
Фиръавннинг қалбини кибр ва манманлик буткул ўраб олгани сабабли у аъёнлари ва маслаҳатгўйларига қарата: “Мусони менинг ўзимга қўйиб беринглар, мен уни бир ёқлик қиламан. Шунда унинг бузғунчи ва зарарли сўзларидан мен ҳам, сизлар ҳам халос бўламиз”, деди. Ояти кариманинг маъносига қараганда, Фиръавннинг Мусо алайҳиссаломга кескин қарши чиқишига аъёнлари томонидан монеълик бўлган. Чунки Фиръавннинг атрофидаги зодагонлар Мусони ўлдириш билан иш битмаслиги, бу нарса уларнинг ғам-ташвиш ва кулфатдан халос қилиб, беташвиш ҳаёт кечиришларини таъминлай олмаслигини яхши билишар эди. Золим хукмдор, ҳатто пайғамбарни ўлдиртиришдан чўчимаган ҳам, чунки у кофирлиги туфайли Мусодан ҳам, унинг Парвардигоридан ҳам ҳайиқмас-чўчимас эди. Шу боис у фожирлик ва истеҳзо билан “Аниқки, мен Мусони ўлдираман, Қани, у Парвардигорига дуо қилиб, менинг жазойимдан қутула олар-микин?” демоқчи бўлди. Фиръавн билан Мусо алайҳиссалом ўртасидаги қарама-қаршилик аслида имон билан куфр, ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш эди. Аммо Фиръавн ўзига ўхшаган бошқа золим ва мустабид подшоҳлар сингари иш тутди. Аллоҳнинг динига даъват қилаётган Мусони халққа бузғунчи, одамларнинг бошини айлантирадиган одам деб танитмоқчи бўлди. Ўзини халқнинг халоскори, динини бузилишдан сақлаб қолувчи, Ер юзида фасод ишлар қилинишига қарши турувчи фидойи қилиб кўрсатмоқчи бўлди.

27. Мусо айтди: «Мен ҳисоб кунига имон келтирмайдиган барча мутакаббирлардан Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлган Зотдан паноҳ сўрайман».
Яъни, Мусо алайҳиссалом қавмини Ҳақ йўлда ҳар қандай азиятлар ва жоҳил кимсаларнинг озорларига сабр қилишга чақирди. Бу йўлда собитқадам бўлишга ундаб, шундай деди: “Эй қавмим, мен Аллоҳга имон келтиришдан кибр қилган, қиёмат кунига, ўша кунда яхши амалларни қилганларга мукофот, гуноҳ-маъсият эгаларига жазо берилишига ишонмайдиган кофир кимсаларнинг ёмонлигидан Парвардигорим ва Парвардигорингиздан паноҳ сўрайман!”. Мусо алайҳиссалом томонидан айтилаётган ушбу жўшқин сўзларда унинг имони кучлилиги, қатъий ишончи, Аллоҳ таолонинг ёрдамига таяниши, қавмининг манфаати ҳақида қайғуриши ва қавмнинг имонга келишига ўта ташналиги кўриниб турибди. Шунингдек, мазкур сўзлардан Ҳақдан юз ўгириш, қиёмат кунига ишонмай, кўнгли истаган ишни қилиб кетавериш қалбнинг моғор босиб, бора-бора тошдек қотишига сабаб бўлиши ва охири инсон руҳиятининг тамоман хасталаниб, яхши ва ёмонни ажрата олмайдиган даражага етиши мумкинлигини англаб олиш мумкин.

28. Фиръавн аъёнларидан бўлган, имонини яшириб юрадиган бир мўмин шундай деди: «Бир одамни «Парвардигорим Аллоҳдир» дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизларга Парвардигорингиздан ҳужжатлар билан келган. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўзига зарар. Агар ростгўй бўлса, у ваъда қилаётган баъзи мусибатлар сизларга етиб қолади-ку! Аллоҳ албатта ҳаддидан ошувчи, ёлғончи кимсани ҳидоят қилмайди;
Тафсирларда зикр қилинишича, имонини яшириб юрган Самъон ёки Ҳабиб исмли бу киши қибтий ёки яҳудий бўлиши мумкин. У Фиръавннинг амакиваччаси деган фикрлар ҳам бор. Мусога бўлган имонини Фиръавндан ҳам, атрофдагилардан ҳам яшириб юрган бу мўмин киши Мусо алайҳиссаломга халоскорлик қилмоқчи бўлди. Фиръавн бошчилигидаги имонсиз ва жоҳил кимсалар Аллоҳнинг пайғамбарини ўлдирмоқчи бўлганини эшитган ўша мўмин киши: “Парвардигорим Аллоҳдир” деган одамни ўлдирмоқчи бўляпсизларми?” деб, уларни бу жиноятдан қайтармоқчи бўлди. У гапига далил-ҳужжат қилиб ушбу сўзларни айтди: “Ахир бу пайғамбар Парвардигорингиздан аниқ ҳужжат-далиллар билан келиб турган бўлса ҳам уни ёлғончига чиқариб, жонига қасд қилмоқчи бўляпсизларми? Бордию у сизлар даъво қилгандай ёлғончи бўлса, унинг бу қилмиши фақат ўзига зарар беради. Агар у рост айтаётган бўлса, унда Мусо ваъда қилаётган Аллоҳнинг азоби келиб, мусибатга учраб қолишларинг ҳам мумкин-ку! Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ҳаддидан ошган, ёлғончи кимсаларни ҳидоятга бошламаслиги очиқ-ойдин бўлиб турибди”.

29. эй қавмим, бугун ҳукмронлик сизларники, Ерда ғолиб бўлиб турибсизлар. Агар бизларга Аллоҳнинг азоби келса, унда бизларга ким ёрдам беради?!» Фиръавн айтди: «Сизларга ўзим кўраётган нарсанигина кўрсатаман ва сизларни фақат тўғри йўлга бошлайман».
Ўзи Фиръавннинг аёнларидан бўлса-да, Аллоҳга имонини яшириб юрган мўмин киши қавмига яна шундай деди: “Эй қавмим, бугун ҳукмронлик сизларники, ҳамма ерда сўзингиз ўтади, Ер юзида бошқа қавмлардан ғолиб ва устун бўлиб турибсизлар. Аллоҳнинг пайғамбарини ўлдириб, ҳаддингиздан ошманглар. Қилмишларингиз сабабли бошингизга Аллоҳнинг азоби келгудай бўлса, унда сизларни бу азобдан ким ҳам қутқара олади? Сизларга ким ёрдам кўрсатиб, золим Фиръавннинг зулмидан халос қила олади?
Фиръавн ўзича Мусо алайҳиссаломга имон келтирганларга зулм ўтказиб, уларни жазолаш билан бошқаларни ҳам қўрқитиб, имон йўлига яқинлаштирмаслик учун турли макр-ҳийлалар ишлатишга ўтди. Аммо унинг макр-ҳийласи залолат бўлгани учун ҳатто ўз аҳли ичидан ҳам мўминлар чиқиб, унинг макрига қарши курашга ўтди. Фиръавн кўпчилик олдида Мусо алайҳиссалом билан айтишиб тураркан, у зотни ўлдиришга қарор қилганини эълон қилганида имон тақозоси билан ўша мўмин ўртага тушди. Имонини яшириб юрган ўша киши ҳам ҳийла ишлатди: туғёнга кетган золим подшоҳга қаратилган хитобни худди кўпчиликка айтаётгандек қилиб сўз бошлаб, «Бир одамни «Парвардигорим Аллоҳдир» дегани учун ўлдирасизларми?» деди. Дарҳақиқат, Мусо алайҳиссаломнинг «Парвардигорим Аллоҳдир» деган сўздан бошқа даъвоси йўқ эди. Бу эътироф ҳамма тан олиши керак бўлган оддий ҳақиқат, мусаффо қалб ва оддий мантиқнинг тақозоси эди. Аммо бу оддий гап халқнинг бўйнига миниб олиб, халққа Аллоҳнинг сўзини эмас, ўз гапини мажбуран ўтказаётган, “халқни боқяпман, машаққатдан халос этяпман” деган даъво билан юрган золим ва мустабид ҳукмдор Фиръавн учун ниҳоятда хатарли эди. Агар Мусо алайҳиссалом айтаётгандек, Аллоҳ Парвардигор бўлса, Фиръавн ўзининг «парвардигор»лигидан тушиб қолишдан қўрқар эди. Шунинг учун «Парвардигорим Аллоҳдир» деган кишини «парвардигорим Фиръавндир» демагани учун ўлдиришга қасд қилган эди.
Ишнинг бошқа томонга бурилиб, одамлар пайғамбарга эргашиб кетишларидан хавфга тушган Фиръавн дарҳол уларни алдашга тушди: “Меникидан бошқача фикрни қабул қилишингиздан, мендан бошқа кишига эргашишингиздан рози эмасман. Яъни, мен Мусони ўлдиришни хоҳлайман ва сизларга ҳам шуни маслаҳат бераман. Унинг гапига ишонманглар, сизларни фақат мен тўғри йўлга бошлайман”. Унинг бу гапи ҳамиша «ягона тўғри қарорни қабул қиладиган» золим мустабидларга хос гап эди. Имонини яшириб юрадиган мўмин киши Фиръавннинг бу гапини эшитиб, қавмни режалаштирилаётган жиноятнинг кулфатидан қаттиқроқ огоҳлантирди. Уларга ўтган умматларнинг хатарли оқибатларини ҳам мисол қилиб келтирди.

30. Имон келтирган киши айтди: «Эй қавмим, сизларга ҳам бошқа фирқаларнинг куни тушишидан қўрқаман;
Золим ҳукмдор Фиръавннинг замонида ва қўл остида яшаган имонли кишининг тилидан айтилаётган ушбу гаплар барча замон ва жамиятлардаги имон келтирган кишиларнинг сўзларига ҳамоҳангдир. Ҳақиқатан мўминлар ҳар қандай золим ҳукмдор қаршисида ҳақни айтишади. Инсонларни тўғри йўлга чорлашади, жамиятдаги куфр ва ширк хасталикларини даволашда жон куйдиришади. Шунинг учун ҳам Фиръавн аҳлидан бўлган бу мўмин киши Аллоҳнинг динига чин ихлос қўйгани учун қавмини ўтмишдаги инсонлар бошига келган бало-азоблардан огоҳлантиришни ўзининг бурчи ҳисоблаб, уларни Аллоҳнинг жазосидан қўрқитмоқда. У қавмига айтяптики, сизлардан олдин яшаб ўтган қавмлар Аллоҳга осийликлари учун турли жазоларга гирифтор бўлиб, Ер юзидан йўқ қилиб юборилди. Сизлар ҳам Аллоҳга бандалиқцан юз ўгирманглар, акс ҳолда сизларнинг бошингизга ҳам ўша фирқалар учраган бало-мусибатлар келиб қолиши, ҳаммангиз ҳалокатга учраб, йўқ бўлиб кетишингиз мумкин.

31. худди Нуҳ қавми, Од, Самуд ва улардан кейингилар ҳолига ўхшаш. Ҳолбуки, Аллоҳ бандаларига зулмни истамайди;
Олдин яшаб ўтган аксарият қавмлар Аллоҳтаолонинг ваҳийларини инкор этганлари, У юборган пайғамбарларга итоатсизлик кўрсатганлари учун Аллоҳнинг азобига учрашган. Масалан, Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми пайғамбарига куфр келтиргани учун тўфон балосига учраган эди. Од қавми пайғамбарига осийлик қилиб, унга ишонмагани учун қаттиқ совуқ шамол билан ҳалок қилинди. Самуд қавми эса пайғамбарига итоатсизлиги учун кучли қичқириқ билан ҳалок қилинди. Улардан кейин ўтган бошқа кўпгина кофир қавмлар ҳам ана шундай турли ҳалокатларга учраб, Ер юзидан йўқ бўлиб кетишди. Бутун-бутун миллат ва элатларни бир зумлик бало билан ҳалок қилиб юбориш Аллоҳга жуда осон иш. Мўмин киши ҳам ўз қавмининг итоатсизлиги учун ҳалок бўлиб кетган олдингиларнинг ҳолатига тушиб қолишидан қўрқаётганини баён қилмоқда.
Аллоҳ таоло бандаларига асло зулмни, уларга бирор ёмонлик етишини истамайди. Аммо бандалар куфрлари, гуноҳларй, осийликлари билан ўзларига ёмонликни, азоб-уқубатни, бало-офатни чақириб оладилар. Ўзини яратган Холиққа куфр келтирган нобакор бандаларни, кофир қавмларни ҳалок этиш эса асло зулм эмас, балки айни адолатдир.

32.    эй қавмим, ҳақиқатан мен сизлар учун нидолашув кунидан қўрқаман;
“Нидолашув куни” қиёматни англатади, чунки ўша кунда барча махлуқот ўзининг дунёдаги ҳаёти билан хайрлашади, охират дунёсига кўчиб ўтади. Имон келтирган киши қавмини ана шу қиёмат кунининг даҳшатларидан, ундаги ҳисоб-китобдан, кофир ва мушриклар, мунофиқ ва осийларни кутиб турган ёмон оқибатдан огоҳлантирмоқда. Ўша куни дунёдаги ёмон ишлари, зулмлари учун дўзахга тушиб, ўша ерда мангу оғир азобга қолишларидан қўрқишини изҳор этмоқда.

33.    сизлар ортга қараб қочадиган Кундан. Сизлар учун Аллоҳ (азоби)дан қутқарувчи бўлмайди. Аллоҳ кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи бўлмайди;
Яъни, қиёмат куни кофирлар дўзахга яқинлашганларида у ердаги шовқин-сурон, дод-фарёд, йиғисиғиларни эшитиб, ортларига қарамай қочишга уриниб қолишади. Аммо дўзахнинг қаттиққўл посбонлари қаерга қочишса ҳам уларни дарҳол тутиб келиб, додвойларига қарамай, дўзахга улоқтиришади. Ўша кунда бирор зот уларни Аллоҳнинг муқаррар азобидан қутқара олмайди. Бирор кимса уларга ёрдам бериш учун шошилмайди. Фиръавннинг “сизларни тўғри йўлга, ҳидоятга бошлайман” деган даъволари ғирт ёлғон. Ҳидоятга - тўғри йўлга фақат Аллоҳ таологина йўллайди, асло Фиръавн эмас. Мўмин кишининг бу гапи Фиръавннинг юқоридаги «Мен сизни тўғри йўлга бошлайман» деган гапига раддия эди. Шунинг учун инсонлар фиръавнларнинг гапига эмас, Аллоҳнинг ваҳийларига ва пайғамбарига эргашишлари лозим.

34.    дарвоқе, олдин Юсуф сизларга аниқ ҳужжатлар билан келганида ҳам сизларга келтирган нарсаларга шак-шубҳада туриб олдингиз. У вафот қилганида эса: «Аллоҳ ундан кейин пайғамбар юбормайди» дедингиз. Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва шак келтирувчиларни ана шундай залолатга кетказади;
Деярли барча муфассирлар Юсуф алайҳиссалом яшаган даврдаги Фиръавн билан Мусо алайҳиссалом замонидаги Фиръавн бошқа-бошқа ҳукмдорлар эканини айтишган. Фақат Ваҳб ибн Мунаббаҳгина уларни бир киши дейди. Қуръони каримда Юсуф сурасидан бошқа икки ўринда, жумладан ушбу ояти каримада Юсуф алайҳиссаломнинг зикри келган. Фиръавн аҳлидан бўлган, имонини яшириб юрадиган мўмин киши Юсуф алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келганида ўзининг ота-боболари у кишига қандай муомала қилганларини қавмига эслатмоқда. Гарчи Юсуф сурасида у зот алайҳиссаломнинг Миср подшоҳига вазир бўлиб, хазинага оид ишларни юритганлари ҳақида сўзланган бўлса ҳам, бу сурада очиқ-ойдин ҳужжатлар билан пайғамбар бўлиб келганларига эътибор қаратилмоқда.
Имонли киши айтяптики, эй қавмим, сиз Юсуф алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига шубҳа қилиб, имон келтирмай туриб олдингиз. Ҳолбуки, у сизларга пайғамбарлигини тасдиқловчи аниқ далил-ҳужжатлар билан келган эди. У вафот этганида эса: «Мана, ундан қутулдик, энди «Аллоҳ томонидан пайғамбар бўлиб келдим» дейдиган одам бўлмайди», дедингиз. Аллоҳ Юсуф ҳақида шубҳасида туриб олган ўша ота-боболарингизни залолатга кетказгани каби ҳар бир хусусда ҳаддидан ошган ва динда шубҳа қилганларни ҳам шундай залолатга кетказади. Мусо ҳақида ҳаддингиздан ошманг ва шубҳа қилувчилардан бўлманг, яна Аллоҳ сизни ҳам ота-боболарингиз каби залолатга кетказиб қўймасин.

35. Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжат-далилсиз тортишадиганлар Аллоҳ наздида ҳам, имон келтирганлар наздида ҳам қаттиқ нафратга қолишади. Аллоҳ ҳар бир мутакаббир ва зўравоннинг қалбини ана шундай муҳрлаб қўяди».
Имон келтирган киши қавмига хитоб қилиб айтяптики, эй қавмим, дилида ғарази бўлган кимсалар Аллоҳ таолонинг оятлари ҳақида ҳамиша талашиб-тортишаверадилар. Ваҳоланки, уларнинг бу борада ҳеч қандай ҳужжат-далиллари йўқ. Ўзида ҳеч қандай ҳужжати бўлмай туриб, Аллоҳнинг оятларига қарши талашиб-тортишадиган кишилар Аллоҳ томонидан ҳам, мўмин бандалар томонидан ҳам қаттиқ нафратга дучор бўлади. Сизлар ҳам шу ишни қилмоқдасиз. Яна Аллоҳ таолонинг ҳам, мўминларнинг ҳам нафрат ва ғазабига дучор бўлиб қолманг. Агар шундай қилсангиз, кибр ва зўравонлик қилган бўласиз. Ваҳоланки, Аллоҳ азза ва жалла мутакаббир ва зўравон кимсаларнинг дилларини шундай муҳрлаб қўядики, улар асло имон ва ҳидоят учун очилмайдиган бўлиб қолади.
Ояти каримадаги “жаббор” сўзи Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари қаторида бор. Маълумки, Аллоҳнинг исми зот, исми сифат, исми феъл, исми танзиҳ ва исми таъзими бор. Мана шу ал-Жаббор исми Ундаги исми таъзимга тааллуқлидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсий-да: «Такаббурлик менинг ридойим, азаматлик менинг изоримдир. Ким Мен билан шуларнинг бирортасида талашса, Мен уни дўзахга улоқтираман» деган (Муслим ривояти). Ал-Жаббор Аллоҳга нисбатан ишлатилганда комиллик маъносини англатиб, Унинг азаматига далолат қилади. Аммо инсонга нисбатан «фалончи жаббор», яъни жабр-ситам қилувчи десак, бу исмда нуқсон бўлади. Чунки у инсонда ноқис васф билан аталади. Шу боис, оятдаги бу атама инсонга нисбатан қўллангани учун “зўравон” шаклида таржима қилинди. Чунки банда нима қилганда ҳам, қанчалик кучли бўлса ҳам барибир банда, банданинг иши муҳтожлиқцир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло кибрга борувчи, жабборлик-зўравонлик қилувчи кимсаларнинг қалбини муҳрлаб қўйиши мумкин.

36. Фиръавн айтди: «Эй Ҳомон, менга бир баланд минора қургин, шоядки, йўлларга етсам;
Фиръавн вазирига шундай буюрди: “Сен, эй Ҳомон, мен учун роса баланд қилиб улкан бир минора қурдир. Токи мен унга чиқиб, осмон йўлларига етиб борай ва Мусо айтаётган илоҳни ўз кўзим билан кўрай, шундан кейин унга ишонай. Чунки мен уни ёлғончи бўлса керак деб ўйлаб, сўзларига ишонмай турибман!”.

37. осмонларнинг йўлларига. Сўнгра Мусонинг Илоҳини кўрсам. Мен уни ҳақиқатан ёлғончи деб гумон қиляпман». Шундай қилиб, Фиръавнга унинг ёмон амали чиройли кўрсатилди ва у йўлдан тўсилди. Фиръавннинг макри ҳалокатдан бошқага ярамади.
Ҳақиқатан илоҳлик даъвосини қилувчи аҳмоқ фиръавнлар ўйлаб-нетиб ўтирмай, оғзига нима келса, вайсайвераркан. Аъёнларига нимани хоҳласа, буюраверади, кўнглига ёққан ишни қилдирмоқчи бўлади.Унинг нақадар нодонлигига эътибор беринг: вазирига буюриб, осмонга етадиган минора қурдирармиш-да, сўнг унга чиқиб, ҳазрати Мусонинг Парвардигорини кўрмоқчи эмиш. Бу ақлга мутлақо сиғмайдиган телбалик бўлиб, сал фаросати бор одам Аллоҳ таолонинг ҳузурига оддий инсоннинг ета олмаслигини, ҳатто унинг даргоҳи қаердалигини билишга ҳам қодир эмаслигини жуда яхши билади. Шундай фаросатсиз, жоҳил бир кимса Аллоҳнинг пайғамбарини ёлғончига чиқаряпти, унинг келтирган рисолатини инкор қиляпти.
Фиръавн мўмин кишининг гап-сўзлари қавмга таъсир қилиб, имонга келиб қолишларидан қаттиқ қўрқарди. Шунинг учун ҳам у золим, мустабид подшоҳларга хос одатга кўра, бундай вақтлар-да ишга солинадиган макр-ҳийласини қўллади: Аллоҳнинг динига, даъватчисига қарши чиққан бошқа подшоҳлар каби бу шармандали ишга вазирини жалб этди. Унинг даъвосини қаранг: «Осмонларга чиқадиган йўлларга етишиб, Мусонинг Худосини кўрсам, дейман. Мусонинг Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбар эканига ишонмайман, ўзим осмонга чиқиб, унинг ёлғончи эканини исботламоқчиман». Барча адашган кимсалар каби Фиръавнга ҳам ўзининг қабиҳ-ёмон ишлари гўзал бўлиб кўринаверди. У ўзининг куфрини, гуноҳини, динга қарши қилаётган ишларини яхши ишлардан деб ҳисоблаб юраверди. Оқибатда у ҳидоят йўлидан, Аллоҳнинг йўлидан тўсилди. У ўзича Аллоҳнинг даъватчиси Мусо алайҳиссаломга зарар етказаман деб ўйлаганди, макр-ҳийлам билан у даъват қилаётган динни тўсиб қоламан деган хаёлга борганди. Аммо аслида ўзига катта зарар етказиб, дунё ва охиратда энг ёмон оқибатга дучор бўлганини билмай қолди.

38. имон келтирган киши айтди: «Эй қавмим, менга эргашинглар, мен сизларни тўғри йўлга бошлайман;
Эътибор берган бўлсангиз, имон келтирган киши «эй қавмим» деган иборани кўп бора такрорламоқда. Чунки ихлосли, имонли инсон ҳамиша диндош биродари, қавми, халқи, миллати учун қайғуриши, уларнинг дарди ва муаммолари билан яшаши, уларнинг манфаати ҳақида жон койитиши керак. Фақат ўзини ва мансабини ўйлайдиган, мавқеи ва ҳукмдорлигидан айрилиб қолмаслик учун дину диёнатдан, ҳатто Аллоҳдан ҳам воз кечадиган Фиръавннинг гапларида бирор марта «эй қавмим» деган ибора ишлатилгани ҳам йўқ. Имон келтирган киши қавмига хитоб қилиб, фақат ўзига эргашишга чорламоқда ва “сизларни Фиръавн эмас, мен тўғри йўлга, ҳидоятга бошлайман” деб ишонтирмоқда.

39. эй қавмим, бу дунё ҳаёти бир матоҳ, холос. Албатта, охират барқарорлик диёридир.
Имон келтирган киши яна қавмига бу дунёнинг бир неча кун фойдаланиб қолинадиган вақтинчалик бир матоҳ эканини таъкидлаяпти. Ҳақиқатан бу беш кунлик дунё ҳаёти охиратга тайёрланиш учун берилган вақтинчалик фурсат, холос. Ҳақиқий барқарор, бардавом ҳаёт, ҳақиқий роҳат-фароғат фақат охиратдагина бўлади. Шунинг учун дунёни эмас, охиратни кўзлаб иш қилиш, унга тайёргарлик кўриш лозим.
Ислом дунё ҳаёти ва охират йўлида қилинадиган барча амалларни қулай ва уйғун ҳолда бирлаштиради. У инсонни охират учун дунё ишларидан маҳрум этмайди, ё аксинча охиратни унуттириб, дунё ишларига мубтало қилиб қўймайди. Чунки буларнинг иккови ҳам бир-бирига қарши эмас, бирининг ўрнини бошқаси босолмайди. Одамлар бу дунёда тафовутли бўлганларидек, охиратда ҳам фарқли бўлишади. Агар инсон фақат дунёда улфатлашиб, унинг шаҳват, лаззат, турли васвасалари билан ўралашаверса, охират ташвишларидан ғафлатда қолади, ҳатто уларни унутишгача боради. Аксинча фақат охиратни ўйлаб, ҳаётдаги вазифаларидан воз кечса ва жамиятдан узилса, боқий дунё мукофотларини бой берган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким дунё савобини истаса, унга ўша истаган нарсасини берурмиз, ким охират савобини истаса, унга ҳам истаган нарсасини берурмиз» (Оли Имрон, 145). Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят этишларича, у зот: «Ким дунёсини дўст тутса, охиратига зарар келтиради ва ким охи-ратини дўст тутса, дунёсига зиён беради. Демак, фано бўладиган нарсадан кўра боқий нарсани афзал билинглар, деганлар» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти).

40. Ким бирор ёмонлик қилса, фақат шунинг баробарида жазо берилади. Эркакми-аёлми, ким мўмин ҳолида яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга киради, унда уларга беҳисоб ризқ берилади.
Ёмонлик қилган кимсаларга Аллоҳ таоло фақат ўша қилган ёмонликлари миқдорича жазо беради. Аммо солиҳ амаллар, эзгу ишлар қилганларга охиратда уларнинг яхшиликларидан бир неча баробар кўпайтириб мукофот беради. Ёмонликка яраша жазо, яхшиликка ортиғи билан мукофот бериш Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига меҳрибонлигидандир.
Ушбу ояти карима мўътазилийларнинг “гуноҳи кабира қилган инсон дўзахда абадий қолади” деган ақидасининг хатолигига далилдир. Ояти карима яхши амаллар имон билангина фойдали ва мукофотга сазовор бўлишини англатади. Демак, ҳар бир мўмин инсон умрини ғанимат билиб, эзгу ва яхши амалларни кўпайтириб борса, охиратда Аллоҳ таолонинг улкан мукофотларига, жаннатдаги мангу фаровон ҳаётга сазовор бўлади. Жаннатда уларга бериладиган ризқ беҳисоб бўлади, кўнгиллари тусаган неъматлардан истаганча тановул қиладилар. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннатда юзта даража бор. Ҳар икки даражанинг ораси Ер билан осмончадир. Фирдавс уларнинг энг юқорисида. Агар Аллоҳдан жаннатни сўрасанглар, Фирдавсни сўранглар” (Бухорий ривояти).

41. эй қавмим, нега мен сизларни нажотга чорласам, сизлар мени дўзахга чақиряпсизлар;
Ушбу ояти каримада инсонларнинг нақадар итоатсиз, ношукр эканлари зикр этилмоқда. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло бандаларини тўғри йўлда бўлишлари учун уларга пайғамбарларини ваҳий билан юборади, инсонлар эса уларга осийлик қилиб, илоҳий ваҳийларни инкор қилишади. Аллоҳ уларга икки дунёда ҳам бахту саодатни раво кўради, аммо осий инсон бадбахтлик йўлини танлайди. Худди шу каби имон келтирган кишининг қавми ҳам нажот йўлини рад этиб, даъватчини ва ўзларини дўзахга муносиб кўришади. Имон келтирган киши айтяптики, эй қавмим, мен сизларга нажот йўлини таклиф этсам, сизлар мени куфрга чорлаб, ўзларингизнинг ҳам дўзахий бўлишингизни, менинг ҳам дўзахга тушишимни истаяпсизлар. Мусо алайҳиссалом ҳақида сизларга икки хил гап айтилмоқда. Фиръавн бир гапни айтяпти, мен бошқасини айтяпман. Бу ишда Фиръавнга эргашманглар, у сизни тўғри йўлга бошлай олмайди. Балки менга эргашинглар, мен сизларни ҳидоят йўлига эргаштириб бормоқчиман.

42. сизлар мени Аллоҳга куфр келтиришга ва ўзим билмайдиган нарсаларни Унга шерик қилишга чақиряпсизлар. Ҳолбуки, мен сизларни қудратли, ўта мағфиратли Зотга чорламоқдаман;
Имон келтирган киши яна қавмига шундай деяпти: “Сизлар мени Аллоҳни инкор этиб, Унга ибодат қилмасликка, илоҳлигини мен билмайдиган нарсани Унга шерик қилиб, ўшанга ибодат қилишга чақирмоқдасиз. Бу чақириғингиз асоссиз ва фойдасиздир. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир банда имон келтириб, яхши амал қилса, имони ва яхши амали туфайли жаннатга киради, унда фаровон ризққа эга бўлади. Демак, имон билан солиҳ амал жаннатга киришнинг ва унда беҳисоб ризқланишнинг асосий омилидир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен сизларни чорлаётган Зот Азиз - ҳаммадан ғолиб, устун, қудратли Зотдир. Мен сизни чақираётган Зот ўта мағфиратли Зотдир. Банда қанчалик гуноҳкор бўлса ҳам, ихлос билан тавба қилса, Аллоҳ албатта унинг тавбасини қабул қилади. Сиз ҳам фурсатни қўлдан бой бермай, дарҳол тавбага шошилинг. Аллоҳга асло куфр келтирманг, Унга ҳеч бир нарсани шерик қилманг. Ҳаётда одамларга ёмонлик қилманг, имонли бўлиб, яхши амалларни қилинг. Ана шундагина дунё ва охират савобига эришасиз».

43. ҳеч шубҳа йўқки, сизлар мени чақираётган нарсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам даъватга муносиб эмас. Қайтишимиз албатта Аллоҳгадир. Дарҳақиқат, ҳаддан ошувчилар, айнан ўшалар дўзах эгаларидир;
Мўминликнинг иши осон эмас. Инсон фитрати, табиати ҳамиша роҳат, фароғат, ором истайди. Нафси уни минг кўйга солади. Ана шуни енга олган одамгина чинакам мўминдир. Роҳатидан кечиб, нафсини қон қақшатиб қийнаган, меҳнат, машаққат, ибодатларга чидаган кишигина мумтоз қул бўлади. Аллоҳ Ўз ҳикматига кўра куфрни, имонсизликни осон, мўминликни қийин қилиб қўйган. Шунинг учун дунёда кофир, осий кўп, мўмин ва солиҳ инсон оз. Мўминликнинг яна бир талаби имон эгаси бошқаларни ҳам ўзи каби имонли бўлишга чорлаш, уларни ҳақ йўлга чақириш, жаннат башоратини бериб, дўзах азобидан огоҳлантиришдир. Шунинг учун ҳам ушбу сурада зикр қилинаётган имонли киши ҳам қавмини адашувдан қайтариб, тўғри йўлни кўрсатиб қўйишга уринмоқда. У айтяптики, сизлар мени Аллоҳнинг ўрнига аллақандай сохта “илоҳ”ларга ибодат қилишга чақирмоқдасиз. Ўша сохта “илоҳ”ларнинг бу дунёда ҳам, охиратда ҳам одамларни даъват қилишга асло ҳаққи йўқ. Мушриклар даъво қилаётган сохта “илоҳ”лар ким ёки нима бўлишидан қатъи назар, бу дунёда одамларнинг дуолари ва ибодатларига лойиқ эмас. Уларнинг “Менга дуо ва ибодат қилинглар” деб одамларни чақиришга ҳам ҳаққи йўқ. Қиёматда барча махлуқот фақат Аллоҳга қайтиб бориши ҳақ бўлганидан кейин бу дунёда ҳам, охиратда ҳам даъватга ҳақли ягона зот Аллоҳнинг Ўзидир. Бандалар эса фақат Аллоҳга дуо, илтижо, ибодат қилишлари ва фақат Аллоҳнинг Ўзидангина ёрдам сўрашлари лозим. Куфрлари туфайли исён ва туғёнда ҳаддидан ошувчиларнинг эришадиган нарсалари фақат дўзахдир.

44. ҳали мен сизларга айтаётган гапларни эслайсизлар. Ишимни Аллоҳга топширдим, Аллоҳ ҳақиқатан бандаларини кўриб турувчидир».
Қавмини имон ва адолатга чорлашдан чарчамаган мўмин киши охирида одамларнинг ҳамон иккиланишда турганини кўриб, уларга афсус-надоматлар билан шундай хитоб қилади: “Бир вақт келадики, бошингизга иш тушганида, сизларга айтган гапларимни эслаб, пушаймонлар ейсиз. Аммо унда вақт бой берилган, ғишт қолипидан кўчган бўлади. Энди ҳамма ишларимни Аллоҳнинг Ўзига топширдим. У энг яхши вакилдир, ҳамма нарсани илоҳий ҳикмати билан ҳал қилувчидир. У Зот бандаларининг барча ишларини, ҳаракатларини, интилишларини аниқ кўриб турувчидир. Аллоҳ азза ва жалла сизларни ҳам, мени ҳам аниқ-равшан кўриб турибди. Энди Унинг Ўзи адолат билан ҳукмни чиқаради».
Шу билан имон келтирган кишининг қавмига қилган чорлов ва насиҳатлари охирига етди. Юқоридаги етти ояти каримада васф этилган жумлалар мўминларнинг ғам-ташвишида, дин қайғусида оромидан кечган ҳар бир ихлосли мўминнингўз халқига, миллатига, қавмига, динига бўлган меҳри-муҳаббати ва хайрихоҳлигидан келиб чиқадиган гаплардир.

45. Шунда Аллоҳуни макрларининг ёмонликларидан сақлади ва Фиръавн аҳлини ёмон азоб ўраб олди;
Аллоҳ таоло Ўзига имон келтирган мўмин бандаларини ўз ҳолларига ташлаб қўймайди, уларни душманларининг макр-ҳийлаларидан, зулм ва озорларидан ҳамиша сақлаб қолади. Олтинхон тўра тафсирида зикр қилинишича, фиръавнийлар золим ҳукмдорга ҳақни айтган мўмин кишини ўлдирмоқчи бўлишди. У эса олдинги оятда келган сўзини айтиб, ўзи бир тоғ томонга қочиб кетди. Фиръавн унинг ортидан минг нафар аскарини мўминни тутиб келишга юборди. Улар етиб боришганида мўмин киши ибодат билан машғул бўлиб, атрофида бир қанча ёввойи ваҳший ҳайвонлар бор экан. Бояги ҳайвонлар аскарларнинг барини ҳалок қилди. Қолганлари қочиб, Фиръавннинг олдига боришган эди, энди уларни Фиръавннинг ўзи ўлдиртириб юборди. Шу тариқа Аллоҳ таоло мазкур мўмин кишини Фиръавн ва унинг одамлари макр-ҳийлаларининг ёмонликларидан қутқарди. Фиръавн аҳлини эса ёмон азоб ўраб олди:

46. оловки, унга эртаю кеч рўпара қилинади. Қиёмат қойим бўлганида эса: «Фиръавн аҳлини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилади).
Аллоҳ таолонинг ваҳийларини инкор этиб, дунёдан имонсиз ўтиб кетган кимсалар эртаю кеч дўзах оловига рўбарў қилиниб, бир азоблари устига ўн, юз, минг азоб қўшилади. Қиёмат куни энг даҳшатли ва оғир азоб илоҳлик даъвосини қилган золим Фиръавн ва унга эргашган бахтсиз кимсаларга бўлади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ва Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг Меърож воқеалари баёни келган узун ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Сўнгра асло ўхшашини кўрмаган катта меш қоринли одамларни кўрдим. Улар Фиръавн аҳли бўлиб, азобланувчи йўлдан олиб ўтиларди. Оловга ташланар эканлар, ҳаддан ортиқ ташна туялардек жойларидан қимирлай олмас, фиръавнлар томонидан босиб-янчилар, турган жойларидан бошқа жойга жила олишмас ҳам эди”. Ҳақиқатан, Фиръавн аҳли қиёмат куни энг қаттиқ азобга гирифтор бўлади.
Фиръавн аҳлини ўраб олган ёмон азоб бир оловдир. Улар ўша оловга ҳамиша, эртаю кеч рўпара қилиб турилади, яъни қабрларида қиёматгача олов билан азобланади.

47. Ўшанда улар дўзахда бир-бирлари билан тортишиб, ожизлари мутакаббирларга: «Бизлар сизларга эргашган эдик, энди бизларни дўзах азобининг бир улушидан қутқара оласизларми?!» дейишади.
Қиёмат қойим бўлганида Аллоҳнинг амри билан Фиръавн ва унинг эргашувчилари энг қаттиқ азобга учраб, дўзахга ташланишади. Улар ўша ерда ҳам бир-бирлари билан талашиб-тортишиб ётишади, айбни бир-бирларига ағдаришади. Фиръавнийларнинг ожиз-бечоралари мутакаббир зодагонларига: “Биз дунёда сизларга эргашган эдик, энди бизлардан дўзах азобини салгина енгиллатмайсизларми?” деб таъна-маломат қилиб қолишади. Аммо илоҳий азобни бир оз бўлса-да енгиллатиш, дўзахийларнинг ҳолини яхшилаш у пайтда ҳеч кимнинг қўлидан келмайди, ҳеч ким бу азобдан қутқара олмайди. Дунё ҳаётида ҳидоятдан маҳрум ҳолда илоҳий ваҳийларни инкор қилиб ўтгани учун куфр келтирган кимсаларнинг дўзахдаги азоб-қийноқлари шундайин оғир бўладики, улар бундан қочгани жой топа олишмайди. Бирор зот уларнинг ҳолига ачинмайди, ҳеч бир кимса уларнинг азобини енгиллата олмайди, додвойларини ҳеч ким эшитмайди ҳам. Қатода айтади: “Эй қавм, бу нарсадан қутулишга чора борми ёки сабр қиласизларми? Эй қавм, Аллоҳга тоат-ибодат қилиш енгилроқдир, Аллоҳга итоат қилинглар!”. Айтиладики, дўзах аҳли минг йил қўрқиб туради, сўнгра “Агар дунёда сабр қилганимизда нажот топган бўлур эдик, дейишади. Кейин яна минг йил сабр қилишади. Уларга азоб енгиллатилмайди.

48. Мутакаббирлари эса: «Бизларнинг ҳаммамиз унинг ичидамиз. Шубҳасиз, Аллоҳ бандалари ўртасида ҳукм чиқариб бўлди», дейишади.
Дунё ҳаётида ўзига эргашган ожиз-бечора кимсаларни ҳақ йўлдан адаштириб, ўзининг кибру ҳавоси туфайли имон-эътиқоддан бебаҳра ўтган мутакаббир зодагонларнинг қиёмат куни аввалги шавкатидан асар ҳам қолмайди. Уларнинг ўзлари ҳам бу кундаги иложсизликлари, ожизликларини шундай изҳор қилишади: “Бўлар иш бўлди, энди биздан ёрдам сўраб нима қиласизлар? Кўриб турибсизлар, ҳаммамиз дўзахга тушиб бўлдик. Аллоҳ таоло бандалари ўртасида Ўз ҳукмини чиқариб бўлди, энди уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Бу ерда у дунёдаги каби аслзодалигига, раҳбарлигига ёки ожиз ёки паст табақасига қараб эмас, қилган амалига, имонига қараб ҳукм чиқарилар экан. Бизлар ҳам, сизлар ҳам куфр келтирдик ва қилмишларимизга яраша ҳаммамиз жазоимизни олиб, дўзах ўтида ёнишга маҳкум бўлдик. Энди афсус-надоматлардан ҳеч бир фойда йўқ!”

49. Дўзахдагилар жаҳаннам посбонларига: «Парвардигорингизга илтижо қилинглар, бизлардан бирор кунги азобни енгиллатсин», дейишганида;
Аллоҳ таоло дўзах аҳлига хоҳлаганича азоб берганидан кейин дўзахнинг посбонларини чақиради. Шунда “Дўзахдагилар жаҳаннам посбонларига “Парвардигорингизга илтижо қилинглар, бизлардан бирор кунги азобни енгиллатсин”, дейишади”. Аммо уларнинг гапини эшитадиган бирор зот топилмайди. Кейин дўзахийлар жаҳаннам қўриқчиларининг бошлиғи Моликни чақиришади. У қирқ йилгача уларнинг илтижосига қулоқ солмайди. Шунда улар ўзларига шундай тасалли бермоқчи бўлишади: “Қўриқчиларни чақирдик, улар жавоб қилишмади. Моликни чақирдик, унинг ҳам жавоб бергиси келмади. Келинглар, яхшиси, қилмишларимизга астойдил афсус-надомат қилиб, ҳолимизга қайғурайлик!”. Уларга бу нарса ҳам фойда бермайди. Кейин эса яна иложсиз қолиб, “Келинглар, яхшиси сабр қилайлик”, дейишади. Бу ҳам уларга заррача фойда бермайди. Охири иложлари қуриб, “Энди дод соламизми ёки азобларга сабр қила-мизми, энди кеч, буларнинг асло бизга фойдаси йўқ. Энди бизнинг бу қийноқлардан жон олиб қочадиган жойимиз ҳам йўқ” дейишдан бошқа имкон топа олишмайди. Куфр келтирган кимсаларнинг охиратдаги аҳволлари мана шундай аянчли, уларнинг ҳоли мана шундай қўрқинчли бўлади!

50. улар: «Сизларга пайғамбарларингиз равшан ҳужжатлар билан келишмаганмиди?» дейишди. Улар: «Шундай», дейишди. Улар: «Энди илтижо қилаверинглар, лекин кофирларнинг илтижоси албатта бефойдадир», дейишди.
Дўзах посбонлари ўша ердаги дўзахийлардан: «Не сабабдан бу ҳолга тушиб қолганингизни биласизларми? Сизларга пайғамбарлар очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келиб, ушбу куннинг хатар ва мусибатларидан огоҳлантиришмаганмиди?!» деб сўрашади. Шунда дўзахийлар: «Ҳа, шундай бўлган эди, пайғамбарларимиз бизга очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келиб, қиёматнинг даҳшатларидан огоҳлантиришганди», деб жавоб қилишади. Шунда дўзах посбонлари уларнинг бу эътирофларини эшитгач, қаҳр-ғазаб билан шундай дейишади: “Дўзах азобига ҳукм қилингансизлар, энди бошингизга келган азобни енгиллатишни сўраб, илтижо ва дод-вой қилаверинглар. Лекин буларнинг асло фойдаси бўлмайди, чунки кофир ва мушрик кимсаларнинг илтижоси бугун инобатга олинмайди”.

51. Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва имон келтирганларга дунё ҳаётида ҳам, гувоҳлар турадиган Кунда ҳам ёрдам берурмиз.
Яъни, Аллоҳ таоло имон йўлида, Ўзининг рисолатини етказиш йўлида озор-машаққатларга сабр қилувчи пайғамбарлар ва мўминларни ўз ҳолларига ташлаб қўймайди, душманларининг кирдикорлари қаршисида ёлғизлатиб қўймайди. Аллоҳ таоло пайғамбари Мусо алайҳиссаломни Фиръавн ҳузурига юборгач, унинг ҳар бир қадамида ёрдам кўрсатиб, пировард зафарга эриштиргани каби охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам Ўзи ваъда қилганидай, Макка мушрикларининг таъқиб-тазйиқларидан омонда асрайди. Аллоҳнинг пайғамбарлар ва мўминларга нусрати - ёрдами бу дунёда ҳам, охиратда ҳам албатта бўлади. Бунга уларнинг ўзлари ҳам, ҳатто кофир-мушриклар ҳам асло шубҳа қилишмайди. Имон ва куфр орасидаги курашда ёрдам кимга бў-лиши ҳақида айрим фикри тор, мулоҳаза қилмайдиган кимсалар турли хаёлларга боришади. Аслида Аллоҳнинг бундаги ёрдами тор ўлчовда эмас, балки жуда кенг мезонлар билан ўлчанади. Аллоҳ таоло имоннинг қалбларда, Ер юзида тантана қилиши учун инсоннинг ўзи саъй-ҳаракат қилиши кераклигини шарт этган экан, унинг йўлидаги қурбонлар, машаққатлар, таъқиб-тазйиқларга чидаш қўлга киритиладиган нусратнинг қийматини оширади, қадрини кўтаради. Кейин инсоният тарихига назар солинса, имон ва куфр орасидаги курашнинг барча босқичлари пайғамбарлар ва мўминларга Аллоҳнинг нусрати берилиши билан якун топганини кўриш мумкин.
‘Тувоҳлар турадиган кун”дан мурод, қиёматдир. Уламолар бунга шундай таъриф беришган: “Қиёмат куни банданинг ҳисоб-китоби шунчалар адолат билан қилинадики, унинг барча қилмишлари, имкониятлари, иқтидори ва интилишлари улардан қандай фойдаланганини аниқлашда эгасига гувоҳликка ўтади. Пайғамбарлар ва даъватчилар эса бандаларни қиёматдаги азобдан огоҳлантирилгани ҳақида гувоҳликка ўтишади”.

52. У Кунда золимларга узрлари фойда бермайди. Уларга лаънат бўлади ва уларга энг ёмон жой бўлғай.
Юқоридаги оятда зикри келган гувоҳларнинг сўзига қараб ҳукм чиқарилганида гуноҳкорларнинг узрхонликлари ҳам, келтирган турли баҳона-сабаблари ҳам мутлақо инобатга олинмайди. Агар олингудай бўлса ҳам, улардан заррача фойда бўлмайди. Чунки охират дунёсида бу дунёдаги каби алдов, ёлғонни ҳақ деб кўрсатиш, муттаҳамлик, зўравонлик, таниш-билишлардан фойдаланиш, пора билан иш битириш каби нарсалар йўқ. Куфр ва ширки билан ўзига ҳам, бошқаларга ҳам зулм қилган золим кимсаларнинг узри асло фойда бермайди. Уларга лаънат бўлади ва ўзларига аталган энг ёмон жой - дўзахга маҳкум бўлишади. Оятдаги “лаънат” сўзи одатда “қочиш” деб таржима қилинса-да, аслида “четланиш” ёки “ҳақиқатдан узоқлашиш” маъноларини билдиради, Қуръон истилоҳида эса, “яхшиликдан нари кетиш, Аллоҳнинг лутфу марҳаматидан четга чиқиш”ни англатади.

53. Биз Мусога ҳидоят бердик ва Бани Исроилга Китобни мерос қилдик;
Аллоҳ таоло пайғамбарларига ва имонли бандаларига бу дунёда нусрат беришига мисол қилиб Ўз пайғамбари Мусо алайҳиссаломга ҳидоят берганини, Бани Исроилга мерос қилиб қолдирилган Китоби Тавротни нозил қилганини зикр этмоқда. Аллоҳ таоло томонидан пайғамбари Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган китобнинг номи Таврот бўлиб, уни «Тора» (қонун) ҳам дейишади. Аллоҳ таоло: «Биз Тавротни нозил крлдик. Унда ҳидоят ва нур бор» (Моида, 44), дейди. Тавротўз эргашувчиларига ақида, ибодат, ахлоқ-одоб, кишилар ҳаётини бошқариб турувчи ҳукм-таълимотлар манбаи бўлган. Аммо ана шу илоҳий дастур йўқолган, қаердалигини ҳеч ким билмайди. Ҳозир яҳудийлар қўлидаги китоб «Эски аҳд» деб номланади, у 99 та сифрдан, уч қисмдан: Таврот, Анбиё ва Китобдан иборат. Аллоҳ таоло бу илоҳий калом яҳудийлар томонидан бузилганини хабар қилади (Бақара, 75). Буни бошқа дин вакиллари ҳам, замон фани ҳам тан олган. Мўмин-мусулмонлар Аллоҳтаоло нозил қилган Тавротга имон келтиришади.

54. ақл эгаларига ҳидоят ва эслатма бўлиши учун.
Аллоҳ таоло Тавротни ақл эгаларига ҳидоят йўлини кўрсатиши ва улар ибрат оладиган бир ваъз-эслатма бўлиши учун нозил қилган. Ушбу китоб “ли улил-албаб”, яъни ақл-фаросат ато қилинганларга юборилган. Улар ушбу Китоб ёрдамида имон ва куфр ўртасидаги курашда тўғри йўлни топсинлар, ўтмишдаги қавмларнинг тарихидан ибрат олиб, Аллоҳнинг ҳидоятига эришсинлар деб, пайғамбари Мусо алайҳиссалом орқали инсонларга хитоб ўлароқ нозил қилинган.

55. (Эй Муҳаммад), энди сабр қилинг. Зеро, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Гуноҳингизга мағфират сўранг ва эртаю кеч Парвардигорингизга мақтов билан тасбеҳ айтинг.
Аллоҳтаоло ушбу ояти каримасида Пайғамбари Муҳаммад алай-ҳиссаломга Аллоҳнинг рисолатини ёйишда кофир ва мушрикларнинг озорлари ва итоатсизликларига сабрли бўлишни амр этаётган бўлса-да, аслида бу хитоб бутун Ислом умматига қаратилгандир. Имонни мустаҳкамлаш йўлидаги, инсонларни Аллоҳнинг ҳақ динига чорлашдаги курашда сабр-тоқат энг зарур амаллардан биридир. Сабрсиз бир нарсага эришиш қийин. Сабр фақат кофирлар, дин душманлари ва мунофиқлар томонидан бўладиган озорларга, азоб-уқубатларга бардош беришгина эмас. Сабр улкан заруриятдир. Ҳавойи нафсни жиловлаб олиш учун ҳам сабр зарурдир. Кишиларни имонга чақиришда ҳам, Аллоҳнинг амрларини бажаришда ҳам, Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийилишда ҳам сабр зарурдир. Аллоҳ таоло ваъда бердими, у албатта рўёбга чиқади, амалга ошади. Парвардигор Пайғамбарига ва имонли бандаларига ёрдамни ваъда қилган экан, бунга сабр қилиш лозим, ушбу илоҳий ваъда албатта рўёбга чиқажак, иншааллоҳ!
Аллоҳ таоло яна Пайғамбарига гуноҳи учун мағфират сўрашни ҳам амр этмоқда. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳлардан маъсумдирлар (холидирлар). Лекин шундай бўлса ҳам, бу илоҳий амр у зотнинг умматлари учун таълимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум бўлсалар-да, Аллоҳ таоло Қуръони каримда у зотнинг аввалгию кейинги гуноҳларини афв этганини эълон қилган бўлса ҳам у зот ҳамиша истиғфор айтар эдилар. Сабаби, у зот ҳам умматлари каби ўзларига ва эргашувчиларига мушриклар томонидан зулм-тазйиқ кучайганида бир мўъжиза рўй бериб, АллоҳнингЎзи бунда ажрим қилишини хоҳлаган бўлишлари ёки куфр ва ширк эгаларининг тезда ҳидоятга келишини истаган бўлишлари мумкин. Аслида булар гуноҳ иш бўлмай, сабрсизлик аломатидир. Шунинг учун Парвардигор Ўз Пайғамбарини ва Ислом умматини сабрга чорламоқда. Қолаверса, мўмин киши гуноҳини эътироф қилиб, доимо истиғфор айтиб юриши унинг имон йўлидаги курашида асосий воситаларидан биридир. Гуноҳларга мағфират сўраш маълум бир лафзларни, жумладан, маъносига ҳам эътибор бермай «Астағфируллоҳ»ни қуруқ такрорлаш эмас, балки хатосини бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда унинг учун имон ва эътиқод билан тавба қилишдир. Шунинг учун мўмин бандалар эртаю кеч, ҳамиша ва ҳар жойда Парвардигорларини Унга хос бўлмаган турли айбу нуқсонлардан поклаб тасбеҳ айтишлари мўминликнинг асл сифатларидандир.

56. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирор ҳужжатсиз тортишадиганларнинг дилларида шундай кибр борки, улар ўшанга ета олишмайди. Сиз Аллоҳдан паноҳ сўранг. Албатта, Унинг Ўзи эшитувчидир, кўриб турувчидир.
Муфассирлар ушбу оятдаги “кибр” сўзидан мурод, Дажжолдир ёки Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини тан олмаган барча кофирлардир, дейишган. Абу Лайс Самарқандий эса, ушбу оят Дажжол тўғрисида турли гапларни қилиб, мунозара қилаётган бир гуруҳ яҳудийлар ҳақида нозил бўлган, дейди. Қиёматнинг аломатларидан бири бўлган Дажжол ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп ҳадисларида умматларини огоҳлантирганлар. “Дажжол” луғатда «ашаддий ёлғончи, алдамчи, фирибгар» маъноларини билдиради. Ёлғончи Дажжолнинг чиқиши қиёмат кунининг энг катта аломатларидандир. Аллоҳтаоло Дажжол билан ҳам бандаларини имтиҳон қилади. Дажжол илоҳликни даъво қилувчи, Аллоҳ таолонинг изни билан ғайритабиий ишлар ва ғаройиб ҳодисалар содир қилувчи ёлғончидир. Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган баъзи ишларга уни қодир қилиб қўяди: у ўзи ўлдирганни тирилтиради, дунёни гулга буркайди, ерни ҳосилдор қилиб қўяди. Унинг “жаннати”, “дўзахи”, икки дарёси бўлади. Ер хазиналари унга бўйсунади, буюрса осмондан ёмғир ёғади, ерда ўсимликлар унади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва қудрати билан бўлади. Баъзи одамлар Дажжолга алданишади, мўминлар эса Аллоҳ таолонинг динида собит қолишади. Маълум вақт ўтиб Аллоҳ Дажжолнинг фитналарини тўхтатади. Осмондан Исо алайҳиссалом тушиб, уни ўлдирадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мен Дажжолда бор нарсани ундан яхши биламан. Унинг икки оқар дарёси бор, биттасида сутдек оқ сув, кейингисида олов кўринади. Ўша кунга етган киши олов кўринган дарёнинг олдига борсин. Кўзини юмиб, бошини эгсин ва ундан ичсин. У олов совуқ сув бўлади. «Дажжолнинг кўзи кўр, пешонасида ортиқча эти бор. Икки кўзининг ўртасида «кофир» деган ёзув бор. Ўқишни билган-билмаган мўмин у ёзувни ўқий олади» (Муслим ривояти).
Ушбу ояти каримада улкан ҳақиқат баён қилинмоқда. Аллоҳ бутун борлиқни, жумладан инсонни ҳам яратган. Инсон Аллоҳ яратган бошқа махлуқотларга қараганда жуда кичик, ожиз ва кучсиздир. Аммо Аллоҳ айнан шу кичик, ожиз ва кучсиз махлуқининг қадри баланд бўлишини ирода қилиб, уни Ер юзида Ўзининг ўринбосари (халифаси) қилиб тайинлади.
Аммо Парвардигорини танимаган, ақл-фаросатини ишлатмаган, инсоф қилмайдиган шундай бандалар ҳам борки, улар ўзларида бирор ҳужжат-далил бўлмай туриб, Аллоҳнинг нозил қилган оятларини рад этадилар, баъзилари эса, бу билан Аллоҳнинг борлигини инкор этадилар. Аллоҳнинг оятларини сўзсиз қабул қилиб олиш, унга бўйин эгиш ўрнига улар ҳақида талашиб-тортишадилар. Чунки уларнинг дилларида имон ҳам, эътиқод ҳам, инсоф ҳам йўқ. Уларнинг қалбларида фақат бир нарса, у ҳам бўлса кибр, ўзини катта олиш, ғурурга кетиш бор. Шу боис улар ўзларини Аллоҳнинг оятларига имон келтириш, уларга амал қилишдан ҳам юқори ҳисоблайдилар. Улар ўзларидаги кибру ҳаво туфайли Аллоҳнинг оятларини менсимайдилар. Шунинг учун бирорта ҳужжат-далиллари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг оятлари ҳақида талашиб-тортишадилар. Шу ишлари билан ўзларини кибор - юқори даражада ҳис қилмоқчи бўладилар. Бундай кофир, мушрик ва мунофиқлар ўзлари орзу қилган улуғворликка асло эриша олмайдилар. Ўлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам хор-зор бўлишади.
Эй Пайғамбарим, ана шундай ёмон оқибатга дучор бўлмасликучун Парвардигорингиздан паноҳ сўранг. У энг яхши эшитувчи, кўриб турувчидир. Оятдаги ушбу жумладан Пайғамбар алайҳиссалом ҳам гуноҳ иш қилган эканлар, деб тушунмаслик керак. Бу ўринда у зотдан содир бўлган баъзи арзимас саҳву хатолар ёки мандуб-мустаҳаб даражасидаги кичик амалларни тарк этганлари гуноҳ деб аталган бўлиши ёхуд у зотга қаратилган хитоб бутун умматга ҳам тегишлидир, деб тафсир қилиш мумкин. Аллоҳ таоло ким нима деяётганини ҳам жуда яхши эшитиб туради, ким нима қилаётганини ҳам жуда яхши кўриб туради. Муҳлати келганида эса, ҳамма нарсани Ўзи билиб, адолат билан ҳисоб-китоб қилади.

57. Албатта, осмонлару Ерни яратиш одамларни яратишдан каттароқдир, лекин аксар одамлар билишмайди.
“Осмонлару Ер” деганда борлиқдаги осмонлар ҳам, яшаб турган куррамиз ҳам, улар орасидаги беҳисоб инсонлар, бошқа махлуқотлар, сайёра ва юлдузлар тушунилади. Инсон эса ана шу нарсаларга солиштирганда бир зарра кабидир. Бу ояти карима инсонни бутун борлиққа нисбатан ўзининг катталиги қандай эканини тушуниб олишга ундайди. Осмонларни ҳам, Ерни ҳам, ундаги одамларни ҳам биргина Зот - Аллоҳ таоло яратган. Осмонлар шунчалар улканки, одамзод унинг фақат биттасини кўради, шунда ҳам унинг чети-чегараси қаерда эканини билмайди. Осмонлардаги мавжу-дотлар шунчалар кўпки, одамзод уларнинг сонини ҳам, сифатини ҳам билмайди. Инсонни ана шу осмонлар ва Ерга солиштирганда у арзимас нарсага ўхшаб кўринади. У қанчалик уринмасин, чиранмасин, осмонлардаги нарсалар у ёқда турсин, ҳатто Ердагиларини ҳам ўрганиб улгурганича йўқ. Ерни қўятурайлик-да, ҳатто ўзининг тана аъзолари ҳақида ҳам тўлиқ, мукаммал билимга эга эмас. Ўзи яшаб турган Ерга нисбатан у ҳеч нарса эмас. Шунга қарамай, ношукр инсон ўзининг кимлигини унутиб, ғурур ва кибрга боради. Аллоҳнинг ўзига ато этган неъматлари ва имконлари ҳақида ўйлаб кўрмайди, тафаккурга бормайди. Бу борадаги билимларни ўрганиш жараёнида ўзи дуч келган мўъжиза ва ҳикматларни кўриб-билиб туриб ҳам имонга келмайди, буларнинг барини яратган Парвардигорини танишга уринмайди. Унинг ваҳийларига ишонмай, уларни рад этади. Шунинг учун ҳам инсонлар ўзларининг кимликларини унутиб, қалбларига ўрнашиб қолган кибрларига суянган ҳолда Аллоҳ таолонинг оятлари ҳақида талашиб-тортишадилар, уларга амал қилмайдилар. Осмонлару Ерга солиштирганда ўзларининг нақадар митти ва ожиз эканларини билиб туриб ҳам инсофга келмайдилар, имон сари юзланмайдилар.

58. Кўр билан кўрувчи ҳам, имон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар билан ёмонлик қилувчи ҳам тенг бўлмайди. Камдан-кам эслатма оласизлар.
Имонли киши худди дунёни кўрувчи одам каби ҳамма нарсадан воқиф: у атрофидаги Аллоҳнинг мўъжизаларини ҳам, инсонларга кўрсатиб қўйган далил-ҳужжатлар ва аломатларини ҳам кўриб-билиб туради. Шунинг учун ҳидоят йўлидан қоқилмай-туртинмай сабот билан кетаверади. Имонсиз, Аллоҳнинг таълимотларидан бехабар, залолатда қолган одам худди кўзи ожиз кимсага ўхшайди. У имон нурини ҳам, атрофидаги илоҳий далил ва мўъжизаларни ҳам, ҳидоят йўлини ҳам кўрмайди. У тўғри йўлни топа олмай, турли бузуқ йўлларда адашиб-тентираб юради. Оқу қорани, яхшию ёмонни ажрата олмайди, ҳатто қаёққа кетаётганини ҳам кўрмайди. Шунинг учун кўзи кўр, ҳеч нарсани кўрмайдиган одам билан кўзи соғ, ҳам-ма нарсани кўра оладиган одам ҳеч қачон тенг қўйилмайди.
Имон қалб нуридир, имони бор мўминларнинг қалб кўзлари очиқдир. Улар моддий оламни қанчалар яхши кўрганлари каби маънавият оламида ҳамма нарсани кўра оладилар: яхшиликларни кўриб, солиҳ амалларни қиладилар. Имон тақозосига кўра, кўзи очиқ, солиҳ амал қилувчилар билан қалб кўзи кўрмайдиган, ёмон амал қилувчилар асло тенг бўлишмайди. Ушбу ҳақиқатни англаганларгина имон сари юзланиб, солиҳ амаллар қилишга ўтадилар, моддий маънода кўр бўлишни хоҳламаганларидек, маънавий оламда ҳам кўр бўлишни истамайдилар. Афсуски, жуда кўп инсонлар бу ҳикматнинг моҳиятини тушунмайдилар, бу ҳақиқатни жуда кам эслайдилар.

59. Қиёмат албатта келувчидир, бунда шубҳа йўқ. Лекин одамларнинг кўпи имон келтирмайди.
Оятдаги “соат” сўзи қиёматнинг номларидан биридир. Инсонлар шуни яхши англаб олишлари керакки, қиёмат соати албатта келувчидир, бунга асло шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Лекин жуда кўп одамлар ғафлатда бўлишгани, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қиёматнинг тезда келиши ҳақидаги огоҳлантиришларига эътиборсизликлари учун қиёматга ишонишмайди, яъни имон келтиришмайди. Агар одамлар қиёматни эслашганида, унинг даҳшатлари ҳақида фикр юритишганида ундан қўрққан, бу кунга тайёргарлик кўрган, унинг қачон келиши ҳақида баҳслашиб-тортишиб юрмаган бўлишарди. Лекин аксарият кишилар унга ишонмай, бу ҳақдаги огоҳлан-тиришларни назарга илмай, охиратларига тайёргарлик қилмай юришади. Бунинг ўрнига ўзларининг кимликларини, бу улкан борлиқда худди бир зарра каби ожиз ва нотавон эканларини унутиб, кибрга боришади, Аллоҳнинг ваҳийларига имон келтиришмайди. Ҳолбуки, уларнинг бу кибрлари албатта ҳалокатга бошлаб кетади. Бу ҳалокатдан, унга элтувчи кибрдан сақланиш учун эса улар Аллоҳга имон келтиришлари, фақат Унга сиғиниб, итоат ва ибодат қилишлари керак.

60. Парвардигорингиз айтди: «Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қилурман. Менга ибодатдан бош тортганлар ал-батта дўзахга хор-зор ҳолларида кирурлар».
Банданинг ягона яратувчи Аллоҳ таолога қиладиган итоати ва ибодатида дуо-илтижолар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Дуо ва ибодатлар хоҳ сўздан иборат бўлсин, хоҳ амалдан, банда булар орқали Аллоҳ таолонинг розилигини излайди. Унинг ҳузурида ўз ҳожатлари ва истакларини эътироф этади. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо ибодатдир», дедилар. Сўнгра «Роббингиз: «Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қилурман. Менинг ибодатимдан кибр қилганлар дўзахга хор-зор ҳолларида кирурлар, деди» (ояти)ни қироат қилдилар» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти).
Аллоҳ таоло шунинг учун ҳам бандаларига дуо қилишни, Ўзи уларнинг сўраган нарсаларини ижобат қилишини эслатмоқда. Бу ишни фақат имони борларгина, қалб кўзи очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, Аллоҳни таниш йўлида инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳга нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қилишади. Чунки буни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи буюргандир. Инсон ўзининг ожизлигини, ҳожатларини эътироф этиб, дуони қабул қилувчи Зотнинг жалолига муносиб одоб-ахлоқ билан сўраши лозим. Қолгани эса Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ижобат ташвишини чекмайман, мен дуо ташвишини қиламан. Менга дуо қилиш илҳом этилса, ижобат ҳам қилинади», деганлар. Банданинг Аллоҳга қиладиган дуоси ҳам ибодат, ҳатто ибодатнинг мағзидир. Дуо банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳожатмандлигини, ночорлигию ожизлигини тан олишдир. Дуони Аллоҳнинг нақадар буюклигию ўзининг нақадар ожизлигини англаб етган, инсоф қилган, қалбида Аллоҳга нисбатан заррача кибру ҳаво бўлмаган кишиларгина қиладилар. Шунинг учун юқорида келтирилган ояти кариманинг давомида: «Менинг ибодатимдан бош тортганлар дўзахга кирурлар» дейилмоқда. Бу жазо кибр билан ўзларини юқори кўрганлар, Аллоҳни танимаганлар, Унга дуо қилишдан, ибодат этишдан бош тортиб, қалб кўзи кўр бўлганларнинг муносиб жазосидир. Дуо қилиш одобини Парвардигорнинг Ўзи бандаларига ўргатган, дуода ёлвориш (тазарру) ва махфийлик зарурлигини таъкидлаган. Аллоҳ таолога ибодату дуоларни худди шундай қилиш солиҳ салафларимизнинг одатларига айланган эди. Сидқидилдан, ихлос билан илтижо қилиб сўрайдиган одам илтижоларини ичида (махфий) сўрайди.

61. Аллоҳ сизларга ором олишингиз учун кечани ҳамда кундузни ёруғ қилиб яратган Зотдир. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан фазлу марҳамат эгасидир, лекин одамларнинг кўпи шукр қилмайди.
Ҳар қандай тирик махлуқнинг тўлақонли ҳаёт кечириши учун тунги ором, уйқу ўта муҳимдир. Кечаси ухлаганда тана ҳужайралари қайта тикланади, аъзоларнинг фаолияти жонланади, кундузги чарчоқлар чекинади. Яратган махлуқотларининг фойдасини кўзлаб, Аллоҳ таоло кеча ва кундузни мунтазам алмашиб турадиган қилиб қўйган. Агар бунинг инсонларга нақадар улкан қулайлик, катта фазлу марҳамат эканини билишганида инсонлар Аллоҳга тинмай шукр айтган, Уни айбу нуқсонлардан поклаб, Унга холис ҳамду санолар йўллаган бўлишарди. Лекин инсонларнинг кўплари буни билишмайди, кеча ва кундузнинг алмашинувида қанчалар улкан фойдалар яширингани ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди.
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ азза ва жалла бандаларига хитоб қиляптики, эй одамлар, Аллоҳтаоло сизларга ато қилган сон-саноқсиз неъматлардан бири бўлган кеча ва кундузнинг қадрига етинг, уларда сизлар учун нақадар катта фойдалар борлиги ҳақида фикрланг. Агар У сизларга ана шу неъматини ато этиб, ҳамма нарсани кўра олишингизга имконият яратиб бермаганида нима қила олар ҳам эдингиз? Аллоҳдан ўзга ким ҳам тунни ором олишингиз учун қулай фурсат қилиб берган бўларди? Аллоҳдан бошқа ким сизга кундузни ҳамма нарсани кўрсатувчи қилиб берар эди? Агар сизлар Аллоҳнинг бу неъматига инсоф кўзи билан қараганингизда ҳар бир нарсада, ҳар бир маконда, ҳар бир лаҳзада Аллоҳ таолонинг улуғ фазлу карамини кўрган бўлардингиз. Аммо сизлардан кўплар буни билишмайди, билишни исташмайди ҳам. Шунингучун улар Аллоҳга куфр, ширк келтиришади, хусуматга боришади, Унинг оятлари ҳақида ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишишади. Аллоҳга имон келтиришмайди, Унга ибодат қилишмайди, Унинг ваҳийларини тасдиқлаш ўрнига мутакаб-бирлик қилиб, инкор йўлини танлашади.

62. Ана шу Аллоҳ - Парвардигорингиздир, ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?!
Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири Унинг ал-Холиқ, яъни мутлақ яратувчи, вужудга келтирувчилигидир. Қуръони карим шундай таълим беради: «Эй инсонлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратп-ган Парвардигорингизга ибодат крлинг, шоядки тақводор бўлсангиз» (Бақара, 21). Фақат ал-Холиқ сифатли Зотгагина ибодат қилиш лозим, Холиқдан бошқага ибодат қилинмайди. Агар инсон Холиқдан бошқа Зотга юзланса, тўғри йўлдан оғиб кетади. Фақат Холиққа ибодат қилсанг, ибодат сабабли бахтиёр бўласан. Агар Холиққа ибодат қилсанг, Унинг азобидан нажот топасан. Агар ибодат қилсанг ҳаётингда ва ўлимингдан кейин ютуққа эришиб, жаннатга кирасан ва абадий бахт-саодатни қўлга киритасан. Демак, коинотда бирдан-бир томон бор, ўша томонга қараб ибодат қилиб, итоат қилишинг даркор. Ўша томон ал-Холиқ сифатига эга бўлган Аллоҳдир.
Лекин инсонларнинг кўплари ушбу ҳақиқатни тушунмай, Аллоҳдан ўзга томонларга юзланиб, Ундан бошқаларга сиғиниб юришибди. Шунинг учун У бандаларига шундай хитоб қилмоқда: “Аллоҳга ибодат қилмай, қайси томонга бурилиб кетяпсизлар? Аллоҳнинг айтганини қилмай, қайси тарафга қараб кетяпсизлар? Аллоҳнинг оятларига амал қилмай, нега бошқа томонга бурилиб кетмоқдасизлар?”

63. Аллоҳнинг оятларини инкор қилувчилар ана шундай бурилиб кетишади.
Бойлиги ёки мавқеига маҳлиё бўлиб, кибру ҳавога берилган айрим кимсалар Аллоҳнинг Парвардигор эканини тан олмайдилар, Унинг оятларини инкор қиладилар. Оқибатда Аллоҳнинг йўлидан бурилиб, бошқа томонга юриб кетадилар. Улар билишмайдики, борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси Аллоҳдан ўзга илоҳ ҳам, қудрат ҳам, яратувчи ҳам йўқ! Шундай бўлгач, фақат ана шу ягона Зотга итоат қилинади, Унинг ваҳийларини инкор қилиш ўрнига ҳаёт дастури қилиб олинади, Аллоҳ таолони поклаб, Унга ҳамду санолар йўлланади.

64. Аллоҳ сизларга Ерни қароргоҳ, осмонни том қилган ва сизларнинг суратларингизни гўзал куринишда қилган, сизларга пок нарсалардан ризқ берган Зотдир. Ана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Оламларнинг Парвардигори Аллоҳ баракот эгасидир.
Аллоҳ таоло бандаларига Ерни мустаҳкам қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган. У Зотга турли сохта “илоҳ”ларни шерик қилаётган ўша мушриклар билишмайдики, агар Аллоҳ Ерни мустаҳкам қароргоҳ қилмаганида у ҳар куни тебраниб, силкиниб, у ёқдан-бу ёққа бориб келиб, тинч ва осойишта яшашга умуман имкон бермаган бўларди. Агар У осмонни том қилиб қўймаганида ҳар соатда Ерга тушаётган само жисмлари заминимизни илма-тешик қилиб, харобага айлантирган бўларди. Осмон Ердан кўтарилган ҳамма нарсани яна ерга қайтаради. Сувнинг буғи ёмғир бўлиб қайтади. Юқорига отган ҳамма нарсамиз ернинг тортиш кучи туфайли ортига келади. Осмон фазога юборилган радиотўлқинларни қайтаради. Иссиқлик нурини ерда қизғиш акслантириб қайтаради ва кечаси ерни иситади. Ердан осмонга отилган ва кўтарилган ҳамма нарсани тўсиб қолгани каби осмон ташқаридан ерга учиб, тушиб келаётган ҳамма нарсани сўриб, ўзига сингдириб, тўсқинлик қилиб, майдалаб, парчалаб ушлаб қолади. Бу билан бизни ва биз яшаб турган Ерни фазодан келувчи қирғин қиладиган ультрабинафша нурлар ва самовий жисмлар (метеоритлар)дан ҳимоя қилади. Осмон биз учун фильтр, еримизга том бўлиб хизмат қилади. Бугунги илм-фан тилида булар «Бутун олам тортилиш қонуни» дейилади.
Яна Аллоҳ таоло инсонни гўзал суратда, унинг тана аъзоларини мутаносиб ва кўркам қилиб яратган. Инсондаги бу гўзал хилқат, бу ажиб юз, хушбичим қомат, кўркам қош-кўзлар, мутаносиб қўл-оёқлар, бир нафас ҳам ором олмай, тўхтовсиз ва беминнат ишлайдиган ички аъзолар қаердан пайдо бўлиб қолди? Минглаб мўйқалам усталари ўхшатиб чиза олмаган, минглаб шоирлар таърифини келтиролмаган инсон аъзоларининг Яратувчиси, Мусаввири - Аллоҳ таолонинг Ўзидир! Инсоният илм-фанда қанчалик илгарилаб кетмасин, неча-неча кашфиёт ва ихтиролар қилинмасин, Аллоҳнинг ҳикмати, мўъжизаси олдида буларнинг ҳаммаси ўз жозибасини, қимматини йўқотиб қўяверади.
Аллоҳ таоло яна инсонларнинг Ер юзида фаровон, қийинчиликсиз яшаши учун жуда кўп неъмат ва қулайликларни, покиза ризқларни ато этиб қўйган. Инсон ҳаёти учун зарур кундалик ризқни берадиган Зот ҳам Аллоҳ таолодир. Агар Аллоҳ таоло инсонга бериб турган пок ризқлардан баъзиси йўқ бўлиб қолса, ҳеч ким унинг ўрнини тўлдира олмайди. Ризқнинг ҳаммаси Аллоҳ таолодан. Шундай бўлганидан кейин, инсон ўзига ризқ берувчи Аллох таолога имон келтириши, Унгагина ибодат қилиши лозим. Ана шундай яратувчилик ва ризқ берувчилик сифатларига эга бўлган Зот сизнинг Парвардигорингиздир.
Эй одамлар! Сизларнинг ягона яратувчингиз ва сизларга ризқ берувчи ҳам, тадбирингизни қилувчи ҳам, тарбияткунандангиз хам Аллоҳнинг Ўзидир. У Зот ҳамма нарсадан юксакдир, оламлар Парвардигори ҳамма нарсада баракот эгасидир. Унда нега улар Атлоҳнинг буюк яратувчилик қудратига ва ҳикматига далолат қилувчи атрофларидаги сон-саноқсиз мўъжизаларни кўриб туриб ҳам Парвардигорга шерик нисбат беришяптими? Агар У Зот Ерни улар кўриб турганидай мустаҳкам қароргоҳ қилиб қўймаганида, у худди денгиздаги кемадай тинмай чайқалиб, қимирлаб турганида уларнинг ҳоли не кечган бўларди? Ернинг турли жойларидан дарё ва анҳорларни оқизиб, сувга сероб қилиб қўймаганида, янги-янги ризқ манбаларини ато қилмаганида ўша мушриклар очлик ва ташналикдан ҳалок бўларди-ку! Шундай бўлганидан кейин улар Аллоҳга имон келтириб, Унинг ягона ибодатга сазовор Зот эканини тан олишлари лозим эди.

65. У тирикдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Сизлар (эй мўминлар), Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинглар. Оламлар-нинг Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин.
Эй инсонлар, бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ азза ва жалла ҳамиша, ҳар қачон тирикдир. “Ал-Ҳайй” (ҳамиша тирик) - Аллоҳ таолонинг сифатларидан биридир. У ҳамиша тирикдир, У ҳеч қачон ўлмайди. Яъни, Аллоҳнинг ҳаёти абадийдир, ўлим билан йўқ бўлмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг ҳаёти азалий, олдин йўқ бўл-ган эмас. Ягона Аллоҳнинг тириклиги Унинг Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бу ҳаёт азалий ва абадийдир, яъни ибтидоси (бошланиши) ҳам, интиҳоси (охири) ҳам йўқ. Аллоҳнинг тириклиги ҳеч бир жиҳатда бандаларнинг ҳаётига ўхшамайди. Аллоҳнинг ал-Ҳайй сифати боқий қолувчи ва барҳаёт деганидир. Агар Аллоҳ ҳаёт десак, Ўни доим барҳаёт эканини англаймиз. Агар фалончи ҳаёт десак, уни вақтинча тирик эканини англаймиз. Аллоҳнинг ал-Ҳайй сифати Ўзининг зотидаги боқий тирикликдир. У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. Аммо махлуқотнинг тириклиги ўз зотида бўлмай, балки Аллоҳнинг ёрдамига муҳтождир. Агар Аллоҳ ёрдамини узиб қўйса, махлуқот жонсиз мурдага айланади. Махлуқ мингга яқин сабаблар билан тирик туради. Агар Аллоҳ бирортасини ишлатмай қўйса, масалан: юракни тўхтатиб қўйса, унинг ҳаёти барҳам топади. Ана шу мангу тирик Аллоҳга динни холис тутган ҳолда илтижо-ибодат қилинглар. Яъни, холис бўйсунган ҳолда, шариатга тўла амал қилган ҳолда, имон-эътиқодга ёлғон ва риёларни аралаштирмай дуо-ибодат қилинглар. Аллоҳ таолога кўпдан-кўп ҳамду санолар айтиб, У Зотни покланглар, чунки Аллоҳгина махлуқотларининг мақтовига, тасбеҳига муносиб Зотдир.

66. (Эй Муҳаммад): «Мен ўзимга Парвардигоримдан равшан ҳужжатлар келиши биланоқ сизлар сиғинаётган нарсаларга ибодат қилишдан қайтарилганман ва оламларнинг Парвардигорига бўйсунишга буюрилганман», деб айтинг.
“Нима учун баъзи одамлар ҳаётда бахтсиз бўлишади?” деган саволга жавоб шуки, чунки улар бир неча томонга юзланишади. Масалан, хотинини рози қилиш, онасини рози қилиш, ишдаўзидан юқори турганларни рози қилиш, таҳдид солаётган фалончини рози қилиш каби нарсаларга машғул бўлиб, изтироб ҳолатига тушиб қоладилар. Лекин мўмин киши фақат бир томонни рози қилади. Ўша томон барча томонларни ўзида қамраган бўлади. Чунки У Зот махлуқотларнинг ҳақиқий яратувчисидир. Яратувчи бўлган Аллоҳтомон юзланган йўл энг тўғри йўлдир. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Сен бир томон учун амал қил, (ўша) барча томонларга кифоя қилади», деб айтганлар (марфуъ ҳадис).
Шунингучун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳтаоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига хитоб қиляптики, эй Муҳаммад, ўша бут-санамларни илоҳ санаб юрган мушрикларга шундай деб айтинг: “Парвардигорим Аллоҳдан менга очиқ-ойдин оятлар келиб, уларда сизлар сиғинаётган сохта “илоҳ”ларга ибодат қилишдан қайтарилганман. Мен Аллохдан ўзгага асло ибодат қилмайман. Бутун оламларга Парвардигор бўлган, яратувчи, ризқ берувчи, тадбир қилувчи Зот Аллоҳга ўзимни бутунлай топширишга - мусулмон бўлишга амр этилдим. Мен У Зотдан бошқага зинҳор таслим бўлмайман. Пайғамбар бўлишимдан олдин ҳам сизларнинг илоҳларингизга сиғинмаганман, бундан кейин ҳам сиғинмайман”.

67. У сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра «алақа»дан яратган Зотдир. Сўнгра сизни гўдак ҳолингизда чиқаради. Сўнгра вояга етишингизга, сўнгра қаришингизга (имкон беради). Ораларингизда бундан олдин вафот этадиганлар ҳам бўлади. (Булар) белгиланган ажалга етишингиз учундир. Шояд, ақл юритсанглар.
Ушбу оятдан бошлаб Аллоҳ таолонинг қудратига ва ваҳдониятига далолат қилувчи далил-ҳужжатлар ва мўъжизалар ҳақида сўз боради. Аввал борлиқдаги мавжудотлардан далил-ҳужжатлар келтирилган бўлса, энди инсоннинг ўзидан мисоллар олинади. Ушбу оятда кибру ҳавога берилиб, ўзини унутган, Аллоҳни - ягона Холиқини тан олмай қўйган инсонга унинг асли - нимадан яралганию ожизлиги эслатилмоқда. Бир донишманддан «Менга Аллоҳнинг мўъжизасини кўрсатинг!» деб илтимос қилишганида у: «Менга Аллоҳнинг мўъжиза бўлмаган нарсасини кўрсат-чи!» деб жавоб қайтарган экан. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг мўъжизаси тўлиб-тошиб ётибди. Лекин бу мўъжизалар ичида энг ажойиб, энг ҳайратланарлиси, энг улуғи - инсоннинг ўзидир.
Дарҳақиқат, кўпинча ўзимизча мўъжизалар, кароматлар ахтарамиз. Аммо нега ўзимизга боқмаймиз? Тана аъзоларимизнинг тузилишига, ишлашига тафаккур кўзи билан назар солмаймиз, ибрат олмаймиз? Энг аввало, инсоннинг нимадан ва қай ҳолатда яралганига бир эътибор бермаймиз?! Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: «Энди инсон ўзининг нимадан яралганига бир боқсин! У (эркакнинг) бели билан (аёлнинг) кўкрак крфаси ўртасидан отилиб чикувчи бир сувдан яралган-ку!» (Ториқ, 5-7). Кейин бу сув (нутфа) аёл раҳмида лахта қонга айланиб, зулук кўринишига ўтади. Маълум вақт ўтгач, ана шу ҳеч ким дахл қилолмайдиган жойда, бир неча қават парда остига яшириб қўйилган ердаги ҳомилага бирин-кетин суяк, кўз, қулоқ, бурун, қўл-оёқ, қош-киприк ва бошқаларнинг ҳужайралари келиб ўрнашади. Бу шуни кўрсатадики, яратишдан бошлаб кейин шакл-сурат бериш, кейин жонлантиришнинг ҳаммаси босқичма-босқич бўлган. Ўзидан кетиб, Аллоҳни инкор қилаётган одам бир вақтлар умуман инсон деган зотнинг ўзи бўлмаганини бир ўйлаб кўрсин. Бу ишларнинг ягона бажа-рувчиси, инсонлар каби барча махлуқотнинг танҳо яратувчиси Аллоҳ таолодир. Эркагу аёлни Аллоҳ яратган. Эркакда нутфани ҳам, аёлдаги тухумдонни ҳам Аллоҳ пайдо қилган. Эркақцаги нутфани аёлнинг тухумига урчитган ҳам Аллоҳ, буни Ундан бошқа ҳеч бир зот амалга ошира олмайди. Ҳозирга келиб Қуръони каримда «алақа» деб васф қилинган босқич суратга олинганида ҳомиланинг зулук кўринишида бачадонга ёпишиб туриши кузатилган. Бу ҳолат ўрганилганида эса «алақа» (зулук) бачадон деворига ёпишиб олиб, ундан керакли моддани сўриши аниқланган. Бу кашфиёт ҳомилани ўрганиш бўйича дунёдаги энг катта мутахассисларнинг мусулмон бўлишларига ёки Исломга яқинлашишларига сабаб бўлди. Ушбу ҳақиқатнинг ўзи инсонга кибру ҳаводан қайтиши, ўзининг ким эканини эътироф қилиши, Парвардигорини тан олиши учун етарли эмасми?!
Оятнинг давомида Аллоҳтаоло Ўзининг қудрати ва яратувчилигига далолат қилувчи яна бир мўъжизани очиб беряпти. Аллоҳ таоло она раҳмида (бачадонида) ҳомилани ривожлантириб, гўдак ҳолида дунёга келтиради. Энди бир фараз қилайлик: У Зот бу ҳомилага она қорнида жон ато этмаслиги ҳам, ўлик ҳолатда туғилишини ирода қилиши ҳам мумкин эди-ку! Гўдак чала ёки ўлик туғилса, унга Аллоҳдан ўзга ким қайта жон ато қила оларкин? Аммо ношукр инсон бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайди, Аллоҳга имон келтирмайди. Гўдак туғилиши билан ҳам иш битмайди, энди у улғайиб, вояга етиши керак. Аллоҳ уни ўстирмай қўйса, юрмайдиган, сўзламайдиган, ухламайдиган қилиб қўйса, ношукр инсон қай аҳволга тушаркин? Сўнгра Аллоҳ инсонларга қаригунларича яшаш имконини бериб қўяди. Лекин айни пайтда инсонлар ичида гўдаклигида, болалигида, айни навқирон йигитлик чоғида ўлиб кетадиганлари ҳам бор-ку! Ҳар бир инсон учун Аллоҳ таолонинг хузурида белгилаб қўйилган муҳлат-ажал бор. Инсон ўша Аллоҳ белгилаган ажалигача яшайди, сўнг иложсиз вафот этади. Ақл эгалари Аллоҳ таолонинг яратувчилик қудратига имон келтиришлари, мана шу омиллар ҳақида фикр юритиб, ёлғиз Парвардигорларини танишлари, Унгагина тоат-ибодатда бўлишлари зарур.

68. У тирилтирадиган ва ўлдирадиган Зотдир. Бирор ишни хукм қилганида «Бўл!» дейди холос, шунда у бўлади.
Ҳаёт ва ўлимнинг очқичлари Аллоҳ таолонинг измидадир, ҳеч ким бирор жоннинг руҳини олишга ёки унга жон ато этишга қодир эмас. Инсонни тирилтирадиган ҳам Аллоҳ, ўлдирадиган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир. Ҳар бир иш, шу жумладан ўлдириш ҳам, тирилтириш ҳам фақат Унинг изни-иродаси билан бўлади. Бунинг учун Аллоҳнинг биргина “Кун!” (“Бўл!”) дейишининг ўзи кифоя. Аллоҳ таоло учун ҳеч бир қийин иш йўқ, нимани ирода қилса, ўша иш бўлаверади. Инсон учун, банда учун ана шундай буюк қудрат соҳибини инкор қилишдан ҳам тубанроқ иш борми? Инсонга ана шундай буюк Зотдан ўзгага ибодат қилишдан кўра яна қандай қабиҳ ва тубан иш бўлиши мумкин?

69. Аллоҳнинг оятлари ҳақида тортишадиганларни кўрмайсизми? Қаёққа бурилиб кетишяпти?
Инсонлар нақадар инсофсиз, ношукр бўлишмаса? Шунча далил-ҳужжатлар туриб, улар ҳақида фикр юритишмаса, салгина инсоф қилмай, дилларини кибру ҳавога тўлдириб, Аллоҳнинг оятларини инкор қилиб юришаверса! Ахир, улар Аллоҳнинг ваҳийлари ҳақида ҳеч нарсани билмай туриб, нега талашиб-тортишаверишади? Ҳақиқатни англаш ва сўнгра имонга келиш ўрнига ҳидоят йўлидан адашиб, қаёққа бурилиб кетишяпти? Улар ҳақ йўл тургани ҳолда за-лолат йўлига кириб, қаёққа боришмоқчи?!

70. Китобни ва Биз пайғамбарларимиз билан юборган нарсаларни ёлғонга чиқарганлар яқинда билишади.
Оятдаги “Китоб” сўзи Қуръони каримни ҳам, ўз вақтида Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари орқали инсониятга юборган барча китоб ва ваҳийларини ҳам англатади. Яъни, Қуръони каримни ёлғонга чиқарганлар, пайғамбарларга юборган ваҳийларни ёлғонга чиқарганлар тезда буюк бир ҳақиқатни билиб олишади: ким Аллоҳнинг ваҳийларига бўйсуниб, ҳаётини илоҳий таълимотлар асосига қурган ва шу тарзда яшаган бўлса, охиратда Аллоҳнинг розилиги ҳамда жаннатдаги оромли ҳаётни қўлга киритади. Ким илоҳий ваҳийларни инкор қилиб, пайғамбарларни ёлғончига чиқарган бўлса, дунё ва охиратда Аллоҳнинг азобига учрайди. Пировардида дўзахда абадий азобланишга маҳкум қилинади.

71. Ўшанда улар бўйинларида кишан-занжирлар билан судраб кетилади;
Аллоҳтаолога ваУнинг Пайғамбарига имон келтирмаган, илоҳий ваҳийларни инкор қилган кофир кимсаларни охиратда Аллоҳ таоло дунёда азобламаган азоблар билан қийнайди. Улар бўйинларига кишан ва занжирлар солинган ҳолда дўзах томон судраб олиб кетилади. Шаъбий айтади: “Аллоҳ таоло дўзахийларни қочиб кетмасин деб кишанлайди, деб ўйлайсизми? Иўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас! Улар тикланишни хоҳласалар, бу кишанлар уларга оғирлик қилиб, босиб кетади ва бўш ҳолатда азоблангандан кўра қаттиқроқ азобланишади”.

72. қайноқ сув сари, сўнгра оловда куйдирилади.
Дўзахга тушишга маҳкум кимсалар олдин қайноқ сувда азобланишса, кейин оловда куйдирилиб, қийноққа солинади. Қуръонни ва пайғамбарларни инкор этганларнинг бўйинларига қиёмат куни кишан солиниб, занжир билан боғланади ва фаришталар ўша занжирлардан тортқилаган ҳолда уларни ўта қайноқ сув томон судраб кетишади. Қайноқ сувда маълум муддат азобланганларидан сўнг уларни яна судраб олов сари олиб кетишади. У ерда оловда куйганларидан сўнг бир азоблари ўн азоб, юз азоб бўлиб кетади. Ана ўшанда илоҳий ваҳийларни инкор қилишнинг, имонсиз юришнинг оқибати қандай бўлишини билиб олишади.

73. Сўнгра уларга айтилади: «Ширк келтириб юрган нарсаларингиз қани;
Дўзахийлар ана шундай оғир азобларга мубтало бўлиб туришганида фаришталар уларга шундай савол беришади: “Дунёда Аллоҳга шерик қилиб, сиғиниб юрган сохта “илоҳ”ларингиз, бут-санамларингиз қаерда қолишди? Нега улар сизларга ёрдам беришмаяпти, Аллоҳнинг азобидан қутқариб қолиш учун ёнингизга келишмаяпти? Агар улар ҳақиқатан илоҳ бўлганида ёки яратувчилик ишида Аллоҳга шерикликка яраганида ҳозир сизларга ёрдамга келиб, жонингизни илоҳий азобдан қутқарган бўлмасмиди?”

74. Аллоҳдан ўзга?» Улар: «Биздан гойиб бўлиб қолишди. Йўқ, бизлар олдин ҳеч нарсага илтижо қилмаган эдик», дейишади. Аллоҳ кофирларни шундай залолатга кетказади.
Дўзах посбонларининг “Аллоҳдан ўзга сизлар сиғинган илоҳла-рингиз қаёққа кетишди?” деган саволига дўзахдагилар жавоб бера олмай ҳайронликда туриб қолишади. Шунда дўзахийларни азоблашга вакил қилинган фаришталар яна савол беришади: «Сизлар куфр ва ширк йўлини танлаганиниз учун мана шундай азоб-уқубатларга дучор бўляпсиз. У дунёда Аллоҳни қўйиб, қандайдир ожиз ва кучсиз бутларга сиғинган эдингиз. «Булар бизни азобдан қутқаради» деб бут-санамларни Аллоҳга шерик қилган эдингиз. Қани энди Аллоҳга шерик қилган ўша нарсаларингиз? Нега улар келиб, сизларни қутқариб олишмаяпти?». Дўзахийлар бу саволга жавоб бера олмай, “Йўқ, бизлар олдин ҳеч нарсага сиғинмаган эдик” деган баҳонадан бошқа илож топа олишмайди. Дунёда сохта “илоҳ”ларидан умидвор бўлиб юрган дўзах аҳли энди ишонганларининг бирдан йўқолиб қолганини кўргач, улардан тониб, олдин Аллоҳга ҳеч кимни шерик қилмаганлари ҳақида сафсата сота бошлашади. Аллоҳ таоло мушрик кимсаларни ҳақ йўлдан адаштириб, ана шундай залолатга кетказиб қўяди.

75. Мана шулар Ер юзида ноҳақ шодланиб юрганингиз ва кибру ҳавога берилганингиз учундир.
Аллоҳтаоло ҳеч кимнингЎзининг мағфиратидан маҳрум қилмайди, ҳеч кимни ноҳақжазоламайди. Дўзахга маҳкум бўлган мушриклар дунё ҳаётида ноҳақ йўлдан кетишса ҳам, онгли равишда ҳақни рад этишса ҳам хурсанд бўлиб, ўйин-кулгидан шодланиб юришаверди, Аллоҳга имон келтиришмади. Гуноҳ ва ҳаром ишлар қилиб, бу қилмишлари билан ҳатто фахрланишди. Мана энди гуноҳлари сабабли, кибру ҳавога бориб, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилганлари учун азобга гирифтор бўлиб туришибди. Аллоҳтаоло уларни қоралаб, “Мана шу тортаётган азобларингиз дунё ҳаётида кибру ҳавога берилиб, ўзингиздан кетиб, ҳеч кимни, ҳатто Аллоҳтаолони ҳам танимай, тан олмай юрганингиз учундир” деб, уларни маломат қилмоқда.

76. Дўзах эшикларидан унда мангу қолувчи ҳолингизда киринглар. Мутакаббирларнинг жойи нақадар ёмондир!
Дўзах аҳли мангу азоб жойи бўлмиш жаҳаннамнинг дарвозаларига яқинлашганида унинг посбонлари уларни “Қилмишларингизга яраша дўзахга ҳукм қилиндинглар, энди унинг дарвозаларидан кираверинглар, бу ерда мангу азоб ичра қоласизлар” деган сўзлар билан қарши олишади. Чунки улар дунё ҳаётида ғурур ва кибрга бориб, Аллоҳнинг ваҳийларини ёлғонга чиқаришган, Унга турли бут-санамларни, махлуқотларни шерик қилишган эди. Аллоҳ таоло ана шундай мутакаббир кимсаларга мангу азоб жойи бўлмиш дўзахни тайёрлаб қўйган. Мутакаббир кимса имонга келишдан ор қилади, ўзини ҳаммадан, барча нарсадан, ҳатто Аллоҳнинг амр-фармонларидан ҳам устун кўради. Бундай мутакаббир кимсаларни эса Аллоҳ Ўз оятларини англаш, улардан манфаатланиш ва ҳаётини уларга мувофиқ қуриш бахтидан маҳрум этади. Бу эса бандаларга нисбатан адолатсизлик ёки зулм эмас, балки қилмишларига, ноҳақ кибрларига яраша муносиб жазодир.

77. (Эй Муҳаммад), сабр қилинг, зеро, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Агар ўшаларга ваъда қилганларимиздан айримларини сизга кўрсатсак ёки сизни вафот эттирсак ҳам фақат Бизгагина қайтарилишади.
Аллоҳ таолонинг кофир ва мушрикларга таҳдидли эслатмалари давомида У Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, у зотни кофир ва мушрикларнинг жоҳиллигига, Аллоҳнинг элчисига етказаётган озор ва тазйиқларига, уларнинг очиқ-ойдин ҳақиқатларни кўр-кўрона инкор этиб, қилаётган осийликларига сабр қилишга даъват этади ва тасалли-таскин беради: “Эй Пайғамбар, Аллоҳнинг дини йўлида кофир ва мушрикларнинг сизга етказаётган қийинчилик ва таъқибларга, рисолатни етказиш йўлидаги машаққатларга сабр қилинг. Чунки сабр олий мақсадга эришиш йўлидаги энг зарур нарсадир. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, Унинг ваъда қилгани албатта рўёбга чиқади. Фақат чиройли сабр билан кута билинг. У пайғамбарларига ва мўмин бандаларига нажот ҳамда нусратни ваъда қилдими, бу албатта берилади. Кофир ва мушрикларни азоблашни айтдими, албатта уларга азобини юборади. Агар Биз хоҳласак, кофирларга ўзимиз ваъда қилган азобларнинг баъзиларини юборганимизни сизга кўрсатамиз. Ёки хоҳласак, уларни азоблашдан олдин сизни вафот эттирамиз, чунки уларнинг азобланишини сизга кўрсатишни истамаганимиздан шундай қиламиз. Бандаларимнинг бари албатта ҳузуримизга қайтарилади, бу бошқача бўлиши мумкин эмас. Ўшанда улар билан қандай муомала қилишни Ўзимиз яхши биламиз.

78. Сиздан олдин ҳам пайғамбарлар юборганмиз. Улардан айримларининг қиссасини сизга айтдик ва баъзиларининг қиссасини сизга айтмадик. Бирор пайғамбарга Аллоҳнинг изнисиз мўъжиза келтириш мумкин бўлмаган. Аллоҳнинг амри келганда албатта ҳақ билан ҳукм қилинади ва ўшанда ботил аҳли зиён кўради.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитобини давом эттириб, у зотга тасалли бўлиши учун олдин юборган пайғамбарларининг ҳам илоҳий синовга учраганлари хабарини бермоқда. Инсоният яралганидан буён Аллоҳ азза ва жалла бандаларига Ўзининг ваҳийларини етказиш, уларни тавҳидга чорлаш учун бир юз йигирма тўрт минг пайғамбарини юборган. Ўлардан йигирма беш нафарининг қиссалари Қуръони каримда турли йўсинларда зикр қилинган. Имон билан куфр орасидаги муросасиз кураш Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келган, Қуръони карим нозил қилинган даврдан олдин ҳам бор эди, у зотдан кейин ҳам тўхтамайди. Аллоҳ таоло инсонларни яратиш баробарида уларни тавҳидга, имонга, ахлоққа чорлаш учун пайғамбарларини ҳам юборган. Аллоҳ таоло пайғамбарлари қиссасини инсонларга ту-шунтириш орқали булардан ибрат олиш, итоатсиз қавмларнинг бошига тушган кулфатлардан огоҳ бўлиш, пайғамбарларига сўзсиз бўйсуниш ва эргашиш, бу билан Ўзининг розилигини топишга чақиради.
Ҳар бир мўмин кишининг дилидан “Аллоҳ таоло бир мўъжиза кўрсатса-ю, Ўзининг дини ҳақ эканини кофирларга билдириб қўйса” деган хаёлларнинг ўтиши табиий. Эҳтимол, ушбу оятлар нозил бўлаётган даврда ҳам мусулмонлар ҳамда охирзамон Пайғамбарининг хаёлидан шунга ўхшаш фикрлар ўтгандир? Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оят давомида “Бирор пайғамбарга Аллоҳнинг изнисиз мўъжиза келтириш мумкин бўлмаган” деб хабар беряпти. Ҳақиқатан, пайғамбарлар ўзларича одамларга мўъжиза кўрсатиб, уларни лол қолдиришга интилишмаган, чунки бу уларнинг иши эмас. Уларнинг иши Аллоҳнинг таълимотларини халққа етказишдир. Мўъжиза кўрсатиш эса Аллоҳга хос ишдир. У Зот Ўзи хоҳлаган вақтида, Ўзи хоҳлаган пайғамбарига мўъжизани ва уни кўрсатиш изнини беради. Аллоҳнинг Пайғамбарига итоатсизлик кўрсатган кофир ва мушрик кимсаларни азоблаш вақти келганида эса, ҳақ билан ҳукм чиқарилади. Ўшанда ана шундай осий кимсаларнинг ишлари расво бўлади. Чунки ҳақ билан ҳукм чиқарилганда ботил иш қилувчиларгина зиён тортишади. Улар бу дунёда Аллоҳнинг оятлари ҳақида ботил йўл билан талашиб-тортишган, ботил йўл билан турли мўъжизалар келтирилишини талаб этишган эди.

79. Аллоҳ сизларга чорва ҳайвонларини, улардан баъзиларини минишингиз учун яратган Зотдир. Улардан баъзиларини ейсизлар.
Аллоҳ таоло инсонларга фойда бўлиши учун турли ҳалол ҳайвонларни яратиб қўйган. Одамлар уларни қўлга ўргатиб, уларнинг гўшти, сути, юнги, териси ва бошқа аъзоларидан бемалол фойдаланишади. Ҳайвонларнинг инсонларга зарур бўлган яна бир хизмати шуки, одамлар узоқ масофаларга бориш, оғир юкларини ташиш, сайру саёҳатлар қилиш учун ҳам улардан кенг фойдаланишади. Шунингучун ояти карима инсонларга хитоб қилиб, Аллоҳнинг аломат-мўъжизаларидан бўлган ҳайвонларга эътиборни қаратишга чақирмоқда. Яъни, сизларга мўъжиза керак бўлса, чорва ҳайвонла-рига бир назар солинглар.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ушбу муаззам оламни яратгач, инсонларга қулайлик ва неъмат бўлиши учун чорва ҳайвонларини ҳам яратди. Чорва ҳайвонлари инсонларга катта неъмат, бемисл атодир. Инсонлар қорамол, туя, қўй-эчки каби чорваларнинг териси ва жунидан устларига киядиган иссиқ кийим ва пойабзалларни тайёрлаб олишади. Уларнинг ширин гўшти, сути ва бошқа маҳсулотларидан қорин тўйдиришади, дардларига шифо топишади. Туя, от, эшак, қўтос каби миниладиган ҳайвонларда узоқ масофаларга сафар қилишади, юкларини ташишади. Яна ҳайвонлардан деҳқон-чиликда ерга ишлов бериш, тегирмон ва жувозларни юрғизишда ҳам фойдаланишади. Буларни инсонларнинг ўзлари яратишмаган, ярата олишмайди ҳам. Демак, уларни фақат Аллоҳ таоло инсонларнинг фойдаси учун, уларга неъмат қилиб яратган.

80. Уларда сизлар учун фойдалар бор. Улар устида дилларингиздаги эҳтиёжларга етишишасиз. Сизларни уларда ва кемаларда элтиб қўйилади.
Яъни, ҳайвонларнинг булардан ташқари ҳам кўплаб фойдалари бор. Оятда ҳўкиз, туя, қўтос, от, хачир каби баъзи ҳайвонларнинг яна бир хусусияти, яъни юк ташишда берадиган фойдаси ҳақида сўз боряпти. Кемаларни ҳисобга олмаганда яқин-яқинларгача бу ҳайвонлар юк ташишда ягона нақлиёт воситаси эди. Қуръон нозил бўлаётган даврларда узоқ-яқин жойларга юк ташишда инсоннинг оғирини енгил қиладиган асосий улов туя бўлган. Унинг ёрдамида одамлар дилларидаги эҳтиёжларига эришишган, оғир юкларини олис масофаларга осонлик билан етказишган. Ҳолбуки, агар юкларини ўзлари ташишганида жонлари қаттиқ қийналиб, машаққатга қолган бўлишар эди. Бу ишларни инсон ўзи яратган ёки ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолган нарса билан эмас, балки Аллоҳ яратиб берган туя, от, хачир воситасида амалга оширар эди.
Қуръони карим нозил бўлган даврда араблар нақлиёт (транспорт) воситаси деганда асосан туя, от, хачирларни тушунишарди. Камдан-кам киши денгизда юрадиган кемаларни кўрган эди. Шу боис, оятда “сизларни ҳайвонларда ва кемаларда элтиб кўйилади” дейилмоқда. Дарҳақиқат, ушбу оятлар нозил қилинган даврда мавжуд бўлмаган, ҳавода учадиган, сувда сузадиган ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари кейинчалик кашф қилинди ва ясалди. Яна қиёматгача қандай нақлиёт воситалари пайдо бўлади, буларни ҳам инсон билишга қодир эмас. Буни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ўша пайтларда инсон улов сифатида асосан ҳайвонлар ва кемалардан фойдаланган. Бу иккисини ҳам унга Аллоҳ берган бўлиб, У Зотдан ўзга ҳеч ким уларни инсонга ато этиши мумкин эмас. Ақлини ишлатган, ўзини таниган, қалбида кибру ҳаво, мутакаббирлик бўлмаган инсон учун шунинг ўзи улкан мўъжиза эмасми?!

81. У сизларга Ўз аломатларини кўрсатади. Шунда Аллоҳнинг қайси аломатларини инкор қилурсизлар?
“Аломат” деб таржима қилинган арабча «оят» сўзи «Қуръон ояти», «белги», «ишора», «аломат», «мўъжиза» каби бир неча хил маъноларни англатади. Бу ердаги «оят» сўзидан белги, ишора, аломат ва мўъжиза маъноларини тушуниш мумкин. Аллоҳ таоло Ўзининг Биру Борлигига, чексиз қудратига далолат қилувчи турли белги-ишораларни, мўъжизаю аломатларни бандаларига кўрсатиб қўйган. Дунёнинг қаерига борманг, Еру осмонларнинг қаерига боқманг, Унинг аломат-мўъжизаларига дуч келасиз. Инсоннинг ўзида ҳам Аллоҳнинг буюк яратувчилик қудратига ишора қилувчи кўплаб аломат-белгилар бор. Хўш, ожиз банда булардан қай бирини инкор эта олади? Наҳотки, осмонлару Ер ва улар орасидаги сон-саноқсиз белгию ишораларни, мўъжизаю аломатларни инкор этишнинг имкони бўлса?! Наҳотки, ғофил инсонлар ўзларидаги аломатларни рад эта олишса?!
Афсуски, ношукр инсонлар ичида Аллоҳнинг аломатларини инкор этувчилар ҳам бор. Шунча мўъжизаларни кўриб-билиб, ўзи ҳам ўша илоҳий мўъжизалардан бири бўла туриб, Аллоҳнинг оятларини инкор қилиш мутлақо соғлом ақлга, инсофга тўғри келмайди. Инсонлар ўзларида ҳеч қандай билим бўлмагани, ҳеч бир далил-ҳужжатга эга бўлмагани ҳолда Аллоҳнинг беҳисоб аломатларини инкор қилган ҳолда Унинг қудрати ва ҳикматига далолат қилувчи оятлари ҳақида тортишганлари ортиқча!

82. Ахир улар Ер юзида сайр қилиб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Ҳолбуки, ўшалар булардан кўпроқ, қувватлироқ ва ер юзидаги осорлари зўрроқ бўлган эди. Аммо уларга касб қилган нарсалари асқатмади.
Қуръони каримнинг жуда кўп сураларида Аллоҳ таоло мушрик, кофир кимсаларга хитоб қилиб, уларга ўзларидан олдин ўтган ота-боболарининг, ўтмишдаги қавмларнинг оқибатига, улардан қолган из-осорларга назар солиш, улардан ибратланишга чақиради. Аллоҳ таолонинг осмонлару Ердаги, инсонларнинг ўзларидаги, уларга берган ато ва неъматларидаги кўплаб мўъжизаларидан ибрат олишга, инсофга келиб, имон келтиришга чорлайди. Ҳолбуки, ўтмишдаги қавмлар ожизлиги ёки оч-яланғоч қолгани учун ҳалок бўлишмаган. Олдинги барча кофир ва мушрикларнинг, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганларнинг оқибати вой бўлганига Ер юзининг ҳамма томонида аниқ ҳужжат-далиллар, гувоҳлар ва аломат-белгилар тўлиб-тошиб ётибди. Уларнинг жисмонан бақувватлиги, куч-қудрати, қурган осмонўпар иншоотлари ва қасрлари, уларнинг ҳунар ва иқтидорда моҳирлиги, хуллас, бирорта фази-латлари асқатмади, жонларига ора кирмади, ёрдам бера олмади. Барчалари Аллоҳнинг азобига учраб, йўқ бўлиб кетишди. Худди шу каби Аллоҳ таоло ҳозирги кофир ва мушрикларни ҳам бир зумда Ер юзидан йўқотиб юборишга қодир. Аммо У фақат Ўзи биладиган ҳикматига кўра, уларни синаш учун тавба қилиб, имонга келишларига маълум муҳлат бериб қўйган.

83. Чунки уларга пайғамбарлари аниқ ҳужжатлар билан келганларида улар ўзларидаги билим билан шодланишди. Уларни ўзлари масхара қилган нарса ўраб олди.
Ушбу ояти каримада Аллоҳнинг ғазабига учраган кофир ва мушрик қавмл арнинг ҳалокатга учраш сабабл ари баён қилинмоқда. Ўша қавмларнинг ҳалокатга учрашларининг асосий сабаби шуки, пайғамбарлари уларга Аллоҳга имон келтириб, ибодат қилиш ҳақида очиқ-ойдин ҳужжатлар келтиришганида улар ўз билганларидан қолмай, билганларича иш тутишди. Яъни, ўзлари эгаллаган билимлари, фалсафалари, ўзлари ишлаб чиққан қонунлар ва доҳийлари ишлаб чиққан таълимотларга маҳлиё бўлиб, илоҳий таълимотларни назарга илишмади, Аллоҳга имон келтиришмади. Ўша ўзлари билган нарса билан мақтандилар. Бу ишлари оқибатда азобга рўпара қилиши ҳақида айтилганида эса насиҳатчилар устидан кулиб, уларнинг гапларини масхара қилишгача боришди. Қарашсаки, Аллоҳ уларга ваъда қилган азоб ва интиқом нақд бўлиб турибди. Уларни ўша ўзлари масхара қилиб, кулиб юрган нарсалари, яъни Аллоҳнинг Биру Борлиги, қиёмат куни ҳисоб-китоб бўлиши ҳақи-даги хабарлар ўраб олибди. Оқибатлари хатарли бўлди: улар ҳам жисмонан, ҳам маънан ҳалокатга юз тутишди.

84. Улар азобимизни кўрганларида: «Ягона Аллоҳга имон келтирдик ва Унга шерик қилган нарсаларимизга куфр келтирдик», дейишди.
Куфр ва ширк эгалари Аллоҳнинг азобини кўргач, Парвардигорга тавба-тазарру билан илтижолар қила бошлашади. Улар азобни кўрганларидан кейингина эс-ҳушлари ўзига келади, гуноҳлари кўзларига кўринади, тавба қилиш зарурлигини эслаб қолишади. Аммо унда кеч: тавба эшиклари ёпилган бўлади. Уламолар айтишганки, ёмон хотима ботинда гуноҳ қилишга одатланган ва кези келганда гуноҳи кабира қилишдан ҳам тап тортмайдиган кимсаларда учрайди. Аммо ким ташида ҳақ йўл узра собитқадам бўлиб, ботинда ҳам гуноҳ қилишга одатланмаган бўлса, унинг хотимаси ёмон бўлиши ҳеч қачон эшитилмаган, билинмаган ҳам. Энди ким гуноҳ ишларни яхши кўрсаю, гуноҳга қўл ургач тавба қилмасдан юравер-са, у тавба қилиб улгурмасидан ажали етиб қолиши мумкин. Мана шундай вақтда шайтон уни васвасага солади ва уни даҳшат қамраб олади-да, одамларга бадбахт экани маълум бўлади. Айрим кишилар эса бутун умри мобайнида ҳақ йўлда мустақим бўладилар-да, ажаллари яқинлашгач, имонларини бой бериб, ҳақ йўлдан оғиб кетадилар. Бу ҳам хотимаси ёмон, оқибати хунук бўлишига олиб келади. Бундан АллоҳнингЎзи сақласин.

85. Азобимизни кўрганларидаги имонлари уларга фойда бермайди. Бу Аллоҳнинг бандаларига жорий қилган суннатидир. Ўшанда кофирлар зиён кўрдилар.
Кофир ва мушрикларга ўзларини ўнглаш, имонга келиш учун ҳамиша имконият ва муҳлат берилади. Улар эса ҳар гал Аллоҳнинг амр-фармонларини инкор қилишаверади. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми ҳам, Од, Самуд қабилалари ҳам, золим Фиръавн ҳам ҳалокат ёқасига келиб илоҳий азоб муқаррар бўлганини кўргандагина Аллоҳга имон келтирмоқчи бўлди, аммо уларнинг бу имони фойдасиз бўлди. Аллоҳ таолонинг жорий этган суннати - одати, қоидаси бўйича, чорасиз қолдирувчи азобни кўргандан кейин қилинган тавба, келтирилган имон қабул этилмайди. Шунинг учун фурсат борида имон келтириб, солиҳ амаллар қилиб қолиш керак.
Саҳл ибн Саъд Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Бир киши дўзах аҳлининг амалини қилади, ҳолбуки у жаннат аҳлидандир. Яна бир киши жаннат аҳлининг амалини қилади, ҳолбуки у дўзах аҳлидандир. Дарҳақиқат, амаллар хотимаси билан эътиборлидир» (Бухорий ривояти). Уламолар шундай дейишган: «Агар Аллоҳ таоло гуноҳ қилишга муккасидан кетган бандасига ўзи севган нарсаларини бераётганини кўрсанг, билгинки, бу У Зот тарафидан ўша бандага бир макрсиновдир».

Орқага Олдинга