Маккада нозил бўлган, 75 оятдан иборат
“Зумар” сўзи луғатда «гуруҳлар» дегани, Қуръони каримнинг ўттиз тўққизинчи сураси номи, маккий суралардан, 75 оятли. Сурада Пайғамбар алайҳиссалом ва барча инсонлар ёлғиз Аллоҳ учун холис ибодат қилишга буюрилади. Тавҳид - Аллоҳ таолонинг яккаю ёлғизлиги масаласи сураи кариманинг аввалидан охиригача батафсил ва турли услублар билан баён қилиб берилади. Сура ўзининг хитоблари, нидолари, мисоллари ва бошқа услублари билан инсон қалбини ларзага солади, унга тавҳидни жойлайди, шунингдек, тавҳид ҳақидаги ҳар бир шубҳани рад қилишга уринади. Чунки тавҳид имоннинг ҳам, ҳар бир солиҳ амалнинг ҳам асосидир. Сурада Аллоҳ таоло Еру осмонлар ва улар ўртасидаги барча мавжудотни яратиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида вазифа юклагани, Аллоҳ таолодан ўзга бирор зот ёки нарсага сиғиниш мумкин эмаслиги, фақат ягона Хожа бўлмиш Аллоҳгагина итоат ва ибодат қилиш зарурлиги зикр этилади. Унда, Маҳшар кунидаги ҳисоб-китоб яна бир бор эслатилади. Сурада қиёмат куни мўминлар тўп-тўп ҳолда жаннатга, дунёда куфру исён билан ўтган кофирлар эса тўда-тўда қилиб жаҳаннамга ҳайдалиши хабари берилгани учун у «Зумар» (гуруҳлар) деб номланган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Китобнинг нозил қилиниши қудратли ва ҳикматли Аллоҳ томонидандир.
Китоб, яъни Қуръони карим Азиз - ҳаммадан қудратли ва Ҳаким - ҳар бир ишни ўта ҳикмат билан қиладиган Зот бўлмиш Аллоҳ таоло томонидан нозил қилингандир. Аллоҳтаоло Азиз бўлганиучун Қуръондек абадий мўъжизани, инсониятни икки дунё саодатига бошловчи Китобни нозил қилди. Аллоҳ таоло Ҳаким бўлганидан ҳам бутун инсониятни икки дунё саодатига элтувчи барча ҳикматларни Қуръонга жойлаб нозил қилди. Инсон аввало Яратганнинг борлиги ва бирлигини тан олиб, бутун ҳаёти давомида У Зотни улуғлаб, поклаб юрса, унинг холис ният билан Аллоҳ учун қилган яхши амалларини Ҳақ таоло Ўз даргоҳига кўтаради - қабул қилади ва уни дунёда ҳам, охиратда ҳам азиз-мукаррам қилади. Хўжакўрсинга амал қилиб Аллоҳни алдамоқчи бўлган найрангбоз риёкорларнинг макр-ҳийлалари эса уларга бирон фойда бермай йўқ бўлиб кетади ва улар учун албатта охират диёрида қаттиқ азоб бордир.
2. (Эй Муҳаммад), Биз сизга бу Китобни ҳақ билан нозил қилдик. Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда ибодат этинг.
Исломнинг илк даврида Макка мушриклари Қуръони карим ҳақида турли шак-шубҳалар ва бўҳтонлар тарқатиб турган бир пайтда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, ҳеч кимга эътибор бермай, Қуръонни маҳкам тутишга ва ПарвардигорнингЎзига холис ибодат этишга чақирмоқда.
Куръони карим Аллоҳ таолонинг охирзамон Пайғамбарига ҳақ билан нозил қилган, яъни фақат Ўзи биладиган ҳикматга биноан, бунда ҳеч бир зотни шерик қилмай ёлғиз Ўзи туширган ҳақ Китобидир. Бу шунинг учун ҳақки, ундаги бирорта оят ёлғонни ёки тахминни сўзламайди, ундаги илоҳий ваҳийларнинг ҳукми қиёматгача бутун инсоният учун дастурил-амалдир. Ким Қуръонга суянса, ҳақ йўлдан адашмайди, ким уни маҳкам тутса, икки дунё саодатини қўлга киритади. Қуръоннинг амрларини бажармаган кофир ҳолида дўзахга тушади, Каломуллоҳнинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан четда бўлганлар икки дунё саодатини қўлга киритиб, жаннат билан мукофотланишади.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримасида Ўз Пайғамбарига динни холис қилган ҳолда, яъни ихлос билан ибодат қилинг, деб буюрмоқда. Арабча “ихлос” (холислик) сўзи “тозалаш, ширк ва хатолардан поклаш, холис қилиш”ни англатиб, истилоҳда чин юракдан, ишонч билан берилиб, Аллоҳ таолога ибодатни холис қилиш, ибодатни худди У Зотни кўриб тургандек қилиш маъносини билдиради. Исломда ихлос ниҳоятда зарур нарса! Ҳидоят йўлидаги киши Аллоҳ таолога фақат ихлос билан ибодат қилиши лозим. Аллоҳни кўриб тургандек ҳис-сезги билан яшаб, Ўзининг розилигини кўзлаб туриб бажарилган амалларгина холис бўлади. Одамларга кўрсатиш (риё) учун намоз ўқийдиганлар, ибодат қиладиганлар фақат ўзларини алдаган бўлишади.
Абу Лайс Самарқандий айтади: «Риё билан қилинган амал холис Аллоҳ таоло учун бўлмайди. Қачон банда холис Аллоҳ учун амал қилса, шундагина савоб олади. Агар ўша амалида Аллоҳ таолога бошқани шерик қилса, Аллоҳ бундай амалдан безордир». Ихлос ибодатнинг мағзидир. Баъзи ҳакимлардан «Мухлис, ихлосли киши ким?» деб сўралганида, улар: «Ёмонликларни беркитгандек яхшиликларини ҳам беркитган кишилар мухлислардир», деб жавоб қилишган. Уламоларимиз: «Ихлоснинг зидди ширқцир. Мухлис бўлмаган киши мушрикдир», дейишган. Саҳл ибн Тустарийдан: «Нафсга энг қийин келадиган нарса нима?» деб сўралганида, «Ихлос», деб жавоб берганлар. Баъзи олимларнинг фикрича, амал бобидаги ихлос икки дунёда ҳам амалнинг мукофотини истамаслиқцир. Ибодат орқали дунё учун ёки охират учун бирор манфаат талаб қилиш ихлосга зиддир. Ҳақиқий ихлос Аллоҳ таоло ризоси учун қилинган иш - бу сиддиқ (тўғри)ларнинг ихлосидир.
3. (Эй инсонлар), огоҳ бўлингларки, холис дин Аллоҳникидир. Ундан ўзгани дўст тутганлар: «Уларга фақат бизларни Аллоҳга яқинлаштиришлари учунгина ибодат қиламиз», (дейишади). Дарҳақиқат, Аллоҳ ихтилоф этаётган нарсалари бўйича улар ўртасида ҳукм қилади. Аллоҳ ёлғончи, кофир кимсаларни асло ҳидоят қилмайди.
Эй инсонлар, огоҳ бўлингларки, сизлар эргашишингиз шарт бўлган дин Аллоҳнинг тавҳид дини Исломдир! Дунёда ихлос қилиш лозим бўлган дин Аллоҳнинг динидир. Аллоҳ таолонинг бутун инсониятга мақбул кўрган охирги ҳақ дини Ислом номи билан аталади. Ислом - ягона Илоҳ ақидасидир. Қуръони каримга кўра, тавҳид эътиқоди Пайғамбаримиз билан бошланган эмас, балки илк пайғамбардан охиргисига қадар барчалари Аллоҳнинг динидадир. Чунки Ҳазрати Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо алайҳимуссалом каби барча пайғамбарлар ўргатган динлар ҳам тавҳид эътиқоди, яъни Ислом эди. Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бу динни ёйдилар, лекин у бир қавм ёки умматга эмас, бутун инсониятга, барча миллатларга тегишли эканини баён этдилар.
Ислом динининг тамал-асослари эътиқод, амал, ахлоққа суянади. Аллоҳнинг Ўзига бўйсунмаганлар, Унинг учун холис ибодат қилмаганлар турли йўлларда адашиб юришади ва Макка мушрикларига ўхшаб ўзларининг гумроҳликларига турли баҳоналар тўқиб олишади. Мушриклар Аллоҳдан ўзга турли сохта “илоҳ”ларни топиб олишди ва уларни дўст тутиб, ана шу илоҳлари уларни гўё Аллоҳга янада яқинлаштиришини даъво қилишди. Мушриклар Аллоҳ таолонинг борлиқдаги барча мавжудотнинг яратганини, Унинг осмонлару Ернинг яратувчиси эканини тан олишарди. Аммо ўша Холиқнинг ягоналигига (тавҳидига), якка Унинг Ўзигина ибодатга сазовор Зот эканига имон келтиришмаган эди. Ибодатда Унга турли бут-санамларни шерик қилишарди. Улар ўзлари тўқиган афсона ва сафсаталарга ишониб, «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари» деб У Зотга фарзандли бўлиш нисбатини беришарди. Фаришталар тимсолига ўхшатиб турли ҳайкаллар ясашар ва ўшаларга сиғинишарди. Кейин эса ўзларича, «Биз буларга ибодат қилиш зарурлигидан эмас, улар бизни шафоат қилиб, Аллоҳга янада яқинлаштиришлари учун сиғинамиз», дейишарди.
Уларнинг бу қилмишлари ғирт ботил, Аллоҳнинг тавҳидига хилоф иш эди. Бунинг турган-битгани куфр ва ширк эди. Аллоҳ таоло қиёмат куни бандаларининг ўзларича тавҳид ва бошқа ишларда ихтилоф қилиб, тортишган масалалари бўйича Ўз ҳукмини эълон қилади. Аммо Аллоҳ таоло ҳозирча ёлғончи ва кофир кимсаларни асло тўғри йўлга бошламаслиги ҳақида огоҳлантириб қўймоқда.
Ёлғончилик шундайин ёмон иллатки, ёлғончининг гапида асло тутуриқ бўлмайди, оғзига келганини вайсайверади. Ҳали қарасанг, Аллоҳнинг шериги бор деб лоф уради, ҳали қарасанг, Парвардигорнинг фарзанди бор деб ёлғонлайди. У ўзининг ёлғонини исботлаш учун “Фалончини рози қилсанг, Аллоҳ рози бўлади, у Аллоҳ ҳузурида сени шафоат қилади” деб алдайди. Аллоҳнинг ваҳдониятига шак келтириб, одамларни Аллоҳга ширк келтиришга чақиради. Кофирлар эса Аллоҳга куфр келтириб, энг катта ёлғонларига бошқаларни ишонтирмоқчи бўлади.
Аллоҳ таолога ва Унинг оятларига имон келтирмаган кимсагина Унинг шаънига ёлғон тўқийди. Чунки у азобга дучор бўлишидан қўрқмайди. У ҳақиқий ёлғончидир. Ёлғон гапириш улкан жиноят бўлгани боис, мўмин киши унга яқинлашмаслиги керак. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ростгўйликни маҳкам тутинглар, зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар, зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади» (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло ёлғончи кимсани асло ҳидоят қилмайди. Аллоҳнинг ҳидояти улкан неъмат, бандасига берадиган мукофотидир. Бу мукофотни олиш учун эса унга муносиб бўлиш керак. Аллоҳ таоло бандасининг ҳаракатини тақдирлаб, Ўз фазли, карами билан унга ҳидоят ато этади. Аммо Аллоҳ таоло ҳақида ёлғон гапирган, яратган Холиқ шаънига номаъқул сўз айтиб турган ёлғончи қандай қилиб бу улуғ мукофотга сазовор бўлиши мумкин?
4. Агар Аллоҳ фарзанд тутишни ирода қилганида албатта Ўзи яратган нарсалардан хоҳлаганини танлаб олар эди. У покдир, Аллоҳ ягонадир, ғолибдир.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг борлиқ ва ундаги мавжудотни яратишда ҳеч бир шерикка муҳтож эмаслиги, Ўзи яратган инсонлар каби фарзандга мутлақо эҳтиёжи йўқлиги баён қилинмоқда, Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига далолат қиладиган ҳужжат-далиллар эслатилмоқда. Мушрик кимсалар Аллоҳ азза ва жалла шаънига куракда ҳам турмайдиган, соғлом ақл асло қабул қила олмайдиган туҳматларни тўқишади. Ваҳоланки, Аллоҳ азза ва жалла улар нисбат бераётган бу туҳматлардан, шерик нисбат беришдан мутлақо покдир. Ана шундай туҳматларнинг бири мушриклар орасида кенг тарқаган фаришталарни Аллоҳнинг қизлари санаб, уларнинг ҳайкалларига сиғинишдир. Аллоҳ таоло бутун оламларни, улардаги барча мавжудотларнинг ягона яратувчиси ва бошқарувчиси бўлгани учун ҳам Ўзига фарзанд тутишдан, Ўз махлуқларига жорий қилган сифатлардан покдир.
Фараз қилайлик, агар Аллоҳ фарзанд тутишни ирода қилганида ўша мушриклар билан маслаҳатлашиб ҳам ўтирмай, уларнинг ҳайкал ясашларига қараб ўтирмай, Ўзи яратган нарсаларидан Ўзига ҳам танлаб олган бўларди. Ваҳоланки, У Воҳидул-Қаҳҳор (ягона ғолиб) Зот бўлгани учун Унинг ҳеч қандай шерикка, ёрдамчига ёки фарзандга эҳтиёжи йўқ ва бўлмайди ҳам. Чунки бутун оламни яратган, Ўзига бўйсундирган, Ўз низоми билан бошқариб турган Зот буларни якка Ўзи бошқариб, идора қилади. Чунки У ягона Холиқ бўлгани учун Ўзининг танҳо, ягона бўлишини истади, бошқа барча махлуқларининг фақат Ўзига бўйсуниб, тоат-ибодатда бўлишларини ирода этди. Унга ширк келтирувчилар эса қиёмат куни Унинг қаҳрига ва азобига гирифтор бўлишлари аниқ!
5. У осмонлару Ерни хдқ билан яратгандир. У кечани кундуз устига ўрайди, кундузни кеча устига ўрайди. Куёшни ҳам, ойни ҳам бўйсундириб қўйган. Хдр бири белгиланган муддатгача ҳаракатда бўлади. Огоҳ бўлингизки, У қудратлидир, кечирувчидир.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг буюк яратиш қудратига далолат қилувчи, исбот талаб қилмайдиган далил-мўъжизалар васф қилиняпти. “Осмонлар ва Ерни ҳақ билан яратиш” деганда Аллоҳ таолонинг буларни фақат Ўзи биладиган ҳикмат билан, бунга ҳеч кимни шерик қилмай, фақат Ўзи яратгани тушунилади. Қуръоннинг ҳақ билан нозил қилиниши Аллоҳнинг тавҳидига далил бўлганидек, осмонлару Ернинг ҳақ билан яратилиши ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига очиқ-ойдин далилдир.
Оятда кеча ва кундузнинг алмашинуви Қуръонга хос бўлган гўзал бир ташбеҳ билан васф қилинган. АллоҳЎзининг қудрати илоҳияси билан кечани кундуз устига ўраганида ҳаммаёқ зулматга кўмилиб, тун киради. Аксинча кундузни кеча устига ўраганида эса борлиқ ёришиб, кундуз ҳукмронлигини бошлайди. Булар олам яралганидан бошланиб, то қиёматгача давом этадиган ўзгармас жараёндир. Бу жараён Ернинг думалоқлиги ва ўз ўқи атрофида айланиши, қуёшга нисбатан ҳолатининг ўзгариши туфайли кечади. Қуёш ҳам, ой ҳам, бошқа само жисмлари ҳам Аллоҳ олдиндан белгилаб қўйган ҳаракат доирасида, ўз йўлидан заррача оғишмай чиқиб-ботаверади. Булар ҳам Аллоҳнинг амрига бўйсунган ҳолда то қиёматгача Аллоҳ яратган махлуқларнинг ҳаёт кечириши учун зиммасидаги хизматни адо этаверади. Ҳозиргача бирор зот “Бу жараённи мен бошқармоқдаман” деб даъво ҳам қилмаган, бунга ҳаққи ҳам йўқ. Миллионлаб йиллар давомида уларнинг бир сонияга ҳам, бир милга ҳам хато қилмай, бир хил ҳаракатда бўлиб туриши ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ва ҳамма нарсага қодирлигига далолатдир. Эй инсонлар, огоҳ бўлинглар ва ушбу ҳақиқатни яхшилаб тушуниб олингларки, Аллоҳ таоло яратишда ҳам, оламларни бошқаришда ҳам, бандаларига лутфу марҳамат кўрсатишда ҳам ягонадир, Унга ҳеч бир зот тенг, шерик бўла олмайди. Бунга осмонлару Ерни ҳақ билан яратгани ҳам, кеча ва кундузни маълум вақтда алмашиб турадиган қилиб қўйгани ҳам, қуёш, ой каби осмон жисмларининг Ўз измига бўйсундириб, яратган махлуқотига хизмат қилдириб қўйгани ҳам, уларнинг ҳар бирини Ўзи белгилаган муҳлат бўлмиш қиё-матгача ҳаракатда бўладиган этиб қўйгани ҳам, буларнинг бари Аллоҳ таолонинг ягоналигига, Унинг буюк қудрат эгаси эканига, айни пайтда ана шундай қудратли Зот имонли бандаларининг гуноҳларини ўта кечирувчи эканига ҳужжат-далиллардир.
6. У сизларни бир жондан яратди. Сўнгра ундан жуфтини қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтликни туширди. У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичра бирин-кетин яратади. Мана шу Парвардигорингиз Аллоҳдир. Хукмронлик фақат Уникидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Қаёққа бурилиб кетяпсизлар?!
Яъни, эй инсонлар, Аллоҳтаоло сизларни қандай яратгани ҳақида бир фикр юритиб кўринглар: Парвардигорингиз ҳаммаларингизни бир жондан, яъни отангиз Одамдан (алайҳиссалом) яратган. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ва яратиш қудратига далиллардир. Кейин Одамнинг ўзидан унинг жуфтини, яъни Ҳаввони яратди. Уларнинг икковидан эса бутун инсониятни тарқатди. Парвардигорингизнинг яратиш иродаси фақат шулар билангина кифояланмади. У Зот чорва ҳайвонларининг тўрт хилидан эркак-урғочи қилиб бир жуфтдан яратди. Тафсирларда келишича, бу чорвалар қўйдан, туядан, эчкидан ва қорамолдан эркак-урғочи қилиб иккитадан, жами саккиз хил ҳайвон яратилган. Булар ҳам барча махлуқотини Аллоҳнинг Ўзи яратганига, бунда у ҳеч қандай шерикка муҳтож эмаслигига исботдир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонни она қорнида уч қават зулмат ичида яратганининг хабарини бермоқда. Бу уч зулмат қайсилар? Олтинхон тўра тафсирида оналар қорнидаги уч зулматга (қоронғиликка) шундай изоҳ берилган: булар бачадон, йўлдош пардаси, онанинг қорин пардаси. Замонавий ҳомилашунослик илми ҳам боланинг уч қават парда ичидаги зулматда ривожланишини яқинда кашф этди. Ҳомилашунослик (эмбриология) фанлари профессори, Канададаги Торонто университетининг анатомия бўлими раҳбари доктор Кеит Муурнинг фикрига кўра, Қуръондаги ушбу уч қават парда ушбулардир: онанинг қорин пардаси; бачадон пардаси ва омниохорионик мембрана. Қорин ичида уч зулмат - уч қават пардани яратган ким? Нима учун бир эмас, икки эмас ёки тўрт эмас, айнан уч қават? Мана шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига далил эмасми?
Аллоҳ таоло инсонларни бирданига яратмади, балки босқичма-босқич, аста-секин мукаммал инсон ҳолига келтириб халқ қилди. Аввалда инсондан ному нишон ҳам йўқ эди. У отасининг нутфасидан - манийсидан дунёга келди. Бу манийда минглаб уруғлар бўлади. Улардан фақат биттасигина онанинг тухумига урчийди. Бошқалари йўқ бўлиб кетади. Оддий, кўзга кўринмас ушбу заррачалар билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор?! Ана шу заррадан одамни яратган Холиқ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?! Эр ва хотиннинг уруғлари бирлашиб-урчиб, алақага айланади. Арабча «алақа» сўзи аслида зулукни англатади. Яқин-яқингача бу сўз «қотган лахта қон» деб таржима қилиб келинган. Аммо илм ривожланиб, бачадондаги ҳомиланинг турли жараёнлари ўрганиб чиқилганда Қуръони каримда «алақа» деб аталган босқичдаги ҳомила бачадонга зулукдек ёпишиб туриши маълум бўлди. Алақанинг сурати ҳақиқий зулук билан солиштирилса, уларни мутлақо фарқлаб бўлмайди. Сўнгра ҳомила ривожланиб, алақа шаклидан бир парча тишланган гўштга - музға ҳолатига ўтади. Ана шунда унга шакл киради. Шакл кирса, ҳомила битган бўлади, шакл кирмаса, битмай бачадондан тушиб кетади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси билан бўлади. Бу жараёнларга бирор кимса аралаша олмайди. Ҳатто ҳомиладор аёлнинг ҳам, хозиқ шифокорларнинг ҳам қўлидан бирор иш келмай, чақалоқнинг эсон-омон туғилишини Аллоҳдан сўраб туришаверади. Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ёрқин далилдир.
Инсон қўлидан мутлақо келмайдиган мана шу ишларнинг барини амалга оширган ягона яратувчи, яратганда ҳам гўзал шаклда халқ қилувчи Холиқ Парвардигорингиз Аллоҳдир. Унинг Ўзи сизларни йўқдан бор қилиб яратувчи, ҳаммангизга кундалик ризқ берувчи, тарбият қилувчи, ишларингизни рўёбга чиқарувчи, ҳаётингизни изга солиб турувчи Аллоҳдир. Борлиқдаги бутун ҳукмдорлик, фармонбардорлик фақат Унга хосдир. У хоҳлаганига беҳисоб ризқ ато этади, хоҳлаганини яратади, махлуқларининг барча ишларини тасарруф этади. Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир, Унинг ишларида бирор кимса Унга шерик ёки тенг бўла олмайди. Аллоҳ таоло барчаларингизнинг ягона яратувчингиз бўлганидан кейин, ҳамма неъматларни фақат У ато этганидан кейин нега Унга имон келтирмай, итоат этмай бошқа томонга бурилиб кетяпсизлар? Нега Унга аллақандай сохта, ожиз “илоҳ”ларни шерик қиляпсизлар? Ахир У Зотга имон келтириб, амр-фармонларига итоат қилсанглар бўлмайдими?
7. Агар куфр келтирсанглар, Аллоҳ сизлардан беҳожатдир. У Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмайди. Агар шукр келтирсанглар, сизлардан рози бўлади. Ҳеч бир кўтарувчи ўзганинг юкини кўтармайди. Сўнгра қайтишларингиз фақат Парвардигорингизгадир. Шунда сизларга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини беради. У диллардаги нарсаларни ҳам билувчидир.
Аллоҳ таоло инсонларга хитоб қилиб айтяптики, сизлар Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, нозил қилган Китобига имон келтирмай, ваҳийларни инкор қилсанглар, бунинг фойда-зарари ўзларингизгадир, Аллоҳ сизларнинг ишонишингизга муҳтож ҳам эмас. Гарчи бандаларнинг куфри Аллоҳга зарар қилмаса ҳам, уларнинг куфрда, залолатда юришларига асло рози бўлмайди. Чунки ҳар бир банда имон ва куфри учун Парвардигори ҳузурида ўзи жавоб беради. Агар банда Аллоҳнинг имон ва ҳидоятда қилиб қўйганига шукр қилиб, Унинг амр-фармонларига итоатда бўлса, Парвардигорининг розилигини топади. Қиёмат куни ҳамманинг гуноҳи ўзига етарли бўлади, биров бошқасинингжонига ора киролмайди. Бирор одам бошқа бир кишининг гуноҳлари юкини кўтаришиб қўя олмайди. Ҳар ким қилмиши ва амаллари учун Парвардигор ҳузурига қайтганда алоҳида ҳисобга тортилади. Ўшанда бандасининг дунёда нима қилгани, имонда юргани ёки куфрга юзлангани, савоб ва гуноҳи ҳақида ҳаммаси очиқ кўрсатиб берилади. Аллоҳ шунчалар қудратли ва ҳакимки, ҳатто дилларнинг энг тўридаги сирларгача билади. Шунинг учун бандалар куфрдан эҳтиёт бўлишлари, икки дунё саодатига эришишни исташса, имон сари юзланишлари лозим.
Куфр шунчалар қабиҳ балоки, инсоннинг дунё ва охиратини барбод этади, умидларини чиппакка чиқаради, саодат ва савобдан маҳрум этади. “Куфр” сўзи луғатда “бир нарсани тўсиш, инкор этиш” маъносини билдириб, истилоҳда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам етказган ваҳийларнинг тўласича ёки бир қисмини қасддан, буткул инкор этиш, Исломни тан олмаслик куфрдир. Куфр кечирилмас гуноҳдир. Куфр келтирган киши “кофир” дейилади. Аммо бировни кофир деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи ҳаммага ҳам берилмаган. Бу тўғрида хукм ва фатволар чиқариш шу мақомга лойиқ бўлган эътиборли алломалар, муфтий ва қозиларнинг ҳаққидир. Длида ҳам, тилида ҳам ўзининг кофирлигини тан оладиган кимсалар ҳақиқий кофирлардир. Имом Абу Хднифанингхукмларича, аҳли қибладан бўлган ҳеч бир кишини куфрда айблаб бўлмайди. Аллоҳтаоло: «Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғонга чикррган (куфр келтирган) лар - айнан ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар ўша ерда абадий крлувчидирлар», деб Қуръони каримда баён қилган (Бақара, 39). Куфрнинг ёмонлиги Қуръони каримда уч юздан ортиқ оятда ва кўплаб ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Бандага куфрдан хатарлироқ нарса йўқ, шунинг учун мўмин киши куфрга тегишли нарсадан худди ёниб тур-ган даҳшатли оловдан қўрққандек қочади.
8. Инсонга бирор зарар етганида Парвардигорига тавба-тазарру билан дуо қилади. Сўнгра Ўз фазлидан унга неъмат берса, олдин қилиб турган дуосини унутади ва Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун Унга “тенг”ларни топади. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Куфринг билан бир оз фойдаланиб тур. Албатта, сен дўзах аҳлидандирсан».
Инсон яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам тез унутади. Бошига бирор мусибат тушса, дарров Парвардигорини эслаб қолади, Унга тавба-тазаррулар қилиб, ибодатга зўр беради, ўзини ўнглаш ҳаракатига тушиб қолади. Мусибати ариб, аҳволи бироз ўнглангач, яна ҳаёти хотиржамликка киради. Олдинги роҳат-фароғати қайтиб келгач, бошига келган синов ва мусибатларни ҳам, Аллоҳга қилган тазарруларини ҳам дарров эсдан чиқариб, яна эски ҳолига қайтиб олади. Аллоҳ бандасининг илтижосини эшитиб, Ўз фазлидан неъмат берса ва унинг бошидан мусибатни кўтарса, банда олдинги ҳолатини тезда унутади. Бошидан мусибат кетиб, яна роҳат-фароғат келса, инсон кечаги тавба-тазарруларни унутади. Аллоҳга берган ваъдаларини эсдан чиқаради.
Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, ана шу кофир кимсаларга ўзларининг куфрлари билан ўралашиб, илоҳий даъватни қабул қилмаганлари билан барибир охиратда дўзах азобига гирифтор бўлишларини эслатиб қўйишни буюрмоқда. Куфр келтирган кимсалар дунё ҳаётида қанчалик роҳат-фароғатда яшашмасин, қанақанги турфа неъматлардан татишмасин, уларнинг охирати барбод бўлган. Вақтинчалик дунё ҳаётида эришган қисқа муддатли ҳузур-ҳаловатларининг қанчалик умри бор? Бу дунёдаги роҳат-ҳузурлар оламни тўлдириб ташласа ҳам, инсонга барибир оз туюлади. Дўзахга тушиши муқаррар бўлган кимса дунёда ҳар қанча ҳузур кўрса ҳам, охиратдаги азоб-машаққатлар олдида батамом унутилиб кетади.
9. Ёки у кечалари сажда ва қиёмда турган ҳолида ибодат қилган, охиратдан қўрқиб, Парвардигорининг раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгмиди?! «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айтинг. Ақл эгаларигина эслатма олишади.
Яъни, кечалари бедор бўлиб, сажда ва қиём қилган ҳолда Аллоҳнинг тоат-ибодатида бўлган, охиратдаги сўроқдан қўрқадиган, айни пайтда Парвардигорининг раҳматидан умидини ҳам узмайдиган солиҳ бандалар олдинги оятда мазаммат қилинган-қораланган, шак-шубҳасиз дўзах эгаси бўлган кофир кимсалар билан тенг бўлармиди? Эй Пайғамбар, уларга айтинг: “Биладиганлар, яъни Аллоҳга имон келтириш орқали икки дунё саодатига эришишнинг нажот йўли эканини биладиганлар билан буни билмайдиганлар асло тенг бўлишмайди. Фақат ақл эгаларигина бу оятлардан эслатма-ибрат олишади. Имом Аъзам айтганларидай, “Чўлда адашилганида керак бўлган кўп озуқадан кўра, тўғри юрилганида зарур бўлган озгина озуқа қанчалик фойдали бўлса, илмга асосланган озгина амал ҳам жаҳолат ила қилинган ҳар қанча кўп амалдан фойдалироқдир”.
Атонинг ривоятида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Бу оят Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлгандир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай деган: “Бу оят Усмон ибн Аффон ҳақида нозил бўлган”. Муқотилнинг айтишича, бу оят Аммор ибн Ёсир ҳақида нозил бўлгандир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг барча саҳобалари ҳам ҳамиша Аллоҳнинг тоат-ибодатида бўлган саодатманд инсонлар бўлишган.
10. (Эй Муҳаммад, Менинг номимдан) айтинг: «Эй имон келтирган бандаларим, Парвардигорингиздан қўрқинглар. Бу дунёда яхшилик қилганларга яхшилик бордир, Аллоҳнинг ери эса кенгдир. Сабр қилувчиларга албатта мукофотлари беҳисоб берилади».
Мўмин кишининг имони унинг тақводор бўлишини, яъни Парвардигоридан қўрқишини тақозо этади, чунки имон билан тақво бир-бирига боғлиқдир. Имон Аллоҳга ишониш ва Унинг буйруқларини бажариш бўлса, тақво доимо Аллоҳнинг азаматини ҳис қилиб туриш, Унинг охиратдаги ҳисоб-китобидан, гуноҳлар эвазига беражак азобидан қўрқувда туришдир. Бу дунёда яхшилик қилганларга, имон билан ўтиб, Аллоҳнинг амрларини бажарганларга икки дунёда ҳам саодат бор ва охиратда уларни гўзал оқибат, Парвардигорларининг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мукофотлари кутиб турибди. Оятдаги «Аллоҳнинг ери кенгдир» жумласи борасида уламолар шундай дейишган: Ушбу ояти карима Жаъфар ибн Абу Толиб ва унинг шериклари Ҳабашистонга ҳижратни қасд қилишганда уларни қизиқтириш учун нозил бўлган”. Имом Қуртубий тафсирида келтирилишича, Аллоҳ таоло гуноҳлардан тийилишни, сабр қилишни буюради. Гуноҳлардан тийилган, сабр қилган киши тоат-ибодатнинг, ҳижратнинг машаққатларига ҳам сабр қилган бўлади. Шаъбийнинг ривоят қилишича, Алий каррамаллоҳу важҳаҳу: “Сабр имон учун танадаги бош каби зарурдир”, деганлар.
11. Айтинг: «Мен динни Ўзига холис қилган ҳолимда Аллоҳга ибодат этишга буюрилганман;
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга динни Парвардигорига холис қилган ҳолларида Унинг Ўзига ибодат қилишга буюрилганларини мушрикларга етказишни буюрмоқда. Аввалги сураларда кўп марта таъкидланганидек, «дин» сўзи «итоат», «ибодат», «жазо», «мукофот», «шариат» маъноларини англатади. Дин илоҳий йўл-йўриқдир, Аллоҳ таоло буюрган ҳукмлар, ибодатлар ва ақида мажмуидир. Дин оқил инсонларни моҳиятан хайрли ва эзгу нарсаларга даъват қилади. Барча пайғамбарлар алайҳимус-салом чорлаган диннинг асоси биттадир, яъни улар инсонларни оламни ягона Аллоҳтаоло яратганига иқрор бўлишга ва фақат Унгагина ибодат қилишга чақиришган. Дунёда дини, ишончи бўлмаган бирор миллат, халқ йўқ, чунки бирор миллат динсиз яшай олмайди. Ейиш, ичиш, ухлаш каби дин ҳам бир руҳий эҳтиёждир. Бироқ ҳар қандай дин, эътиқод ҳам тўғри бўлавермайди. Энг тўғри, ҳақ дин - Аллоҳнинг хушнуд бўлган, танлаган дини Исломдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат холис Аллоҳгагина итоат қилишга, фақат холис Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилишга буюрилганлар, фақат холис Аллоҳдангина жазо ва мукофот кутишга, фақат Аллоҳнинг шариатига амал этишга амр этилганлар. Мана шу нарса соф тавҳиддир, Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига иқрорликдир.
12. ва мусулмонларнинг биринчиси бўлишга буюрилганман».
Аллоҳ таоло яна Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга амр қилиб, ўзларининг Аллоҳнинг ваҳдониятига буюрилганларини, ҳамма ишларида Аллоҳга бутунлай таслим бўлишга амр этилганларини, Аллоҳга имон келтирган ва тавҳидга таслим бўлган мусулмонларнинг аввалгиси, биринчиси эканларини эълон қилишни топширмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бошқа амрлари қатори буни ҳам ўз ўрнида адо этганлар, ҳамиша биринчи мусулмон бўлиб яшаганлар. Бу эълон орқали Расулуллоҳ алайҳиссаломга мушрикларни ҳаққа чорлаш мақсадида уларга: «Сизлар нима десанглар ҳам, нима қилсанглар ҳам, мен йўлимдан асло қайтмайман» деган маънода сўз айтиш буюрилган. Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Исмоил авлодидан Кинонани танлаб олди. Кинонадан Қурайшни танлаб олди. Қурайшдан Бани Ҳошимни танлаб олди. Бани Ҳошимдан мени танлаб олди», дедилар» (Муслим ривояти).
13. Айтинг: «Албатта, мен агар Парвардигоримга исён этсам, буюк Куннинг азобидан қўрқаман»;
Аллоҳ таоло Пайғамбарига яна шундай дейишни амр этмоқда: «Эй мушриклар, сизларнинг гапингизга кириб, Парвардигоримга исён қиладиган бўлсам, қиёмат кунидек улуғ Кунда менга қаттиқ азоб бўлади. Мен ўша улуғ Куннинг азобидан қўрқаман. Шунинг учун ҳеч қачон сизга қўшилиб, Аллоҳнинг тавҳидига шак келтирмайман, Унга ширк келтирмайман». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ваякрн крриндошларингни огоҳлантир» ояти нозил қилинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларни чақирдилар. Улар тўпланишди. У зот ҳам умумий, ҳам хусусий даъват қилдилар. Сўнгра: «Эй Бани Каъб ибн Луай, ўзингизни дўзах оловидан қутқаринг! Эй Бани Мурра ибн Каъб, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Бани Абдуш-Шамс, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Бани Абду Маноф, ўзингизни дўзах оловидан қутқаринг! Эй Бани Ҳошим, ўзингизни дўзах оловидан қутқаринг! Эй Бани Абдулмуттолиб, ўзингизни дўзах оловидан қутқаринг! Эй Фотима, ўзингни дўзах оловидан қутқар! Сизлардан Аллоҳнинг бирор нарсасини қайтариш менинг қўлимда эмас, фақат орамизда силаи раҳм бор, мен уни тиклаб тураман», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
14. айтинг: «Динимни Ўзига холис қилган ҳолимда Аллоҳгагина ибодат қилурман;
Эй Муҳаммад, уларга тавҳидни маҳкам тутишингизни, динни Аллоҳнинг Ўзига хос қилган ҳолда Парвардигорингизга ибодат қилишингизни эълон қилинг. Яъни, ёлғиз Аллоҳгагина итоат, ибодат, бандалик қилишингизни, ёлғиз Унинг розилигини исташингизни, фақат Ундан мукофот ё жазо кутишингизни айтинг. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўладиган ким?» дедим. «Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингни билганимдан шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим. Қиёмат куни шафоатимдан энг саодатманд бўладиган киши «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни чин қалбдан ихлос билан айтган одамдир», дедилар» (Бухорий ривояти).
15. энди Уни қўйиб, хоҳлаган нарсаларингизга ибодат қилаверинглар». (Эй Муҳаммад), айтинг: «Ҳақиқий зиён кўрувчилар қиёмат куни ўзларига ва аҳлларига зиён қилганлардир. Огоҳ бўлингларки, ана шу аниқ зиёнкорликдир».
Аллоҳ таоло яна шуларни буюряпти: “Эй Муҳаммад, мушрикларга шундай деб айтинг: “Агар Аллоҳга имон келтирмайдиган, Ундан бошқага сиғинадиган, У Зотнинг амрларини инкор қиладиган бўлсанглар, Аллоҳ билан ришталарни узган бўласизлар. Энди Уни қўйиб, хоҳлаган бут-санамларингизга, сохта “илоҳ”ларингизга сиғинаверинглар. Бу ишларинг билан Парвардигорингизга фойда-зарар келтира олмайсизлар. Бу қилмишингизнинг зиёни фақат ўзларингизга ва аҳли-аёлларингизга бўлади. Қиёмат куни барчаларингиз бир-бирларингдан жудо бўлган, айрилган ҳолда турасизлар, асло кўриша олмайсизлар. Ўзларингиз ҳам, аҳлларингиз ҳам дўзахда ўзи билан ўзи овора бўлиб, бир-бирларидан хабар олиш ҳам, ёрдам бериш эсига келмайди ва энг катта зиёнкорлардан бўлиб қолади”.
16. Улар учун тепаларидан ҳам ўт-олов «соябонлар» бор, остларидан ҳам ўт-олов «соябонлар» бор. Бу билан Аллоҳ Уз бандаларини қўрқитади: «Эй бандаларим, Менга тақво қилинглар;
Ушбу ояти каримада Парвардигорларига куфр ва ширк келтириб, дунё ҳаётидан имонсиз ўтиб кетганлар учун қиёматда тайёрлаб қўйилган азоб манзаралари ўзига хос услубда баён этилмоқда. Бундай кимсалар дўзахга тушганида уларнинг устларидан ҳам, остларидан ҳам дўзах олови худди соябон каби ўраб-чирмаб олади. Одатда соябон қуёш оловидан асровчи омил бўлса-да, қиёматда у асровчи эмас, азобни кучайтирувчи воситага айланади. Ўзларига ҳам, аҳлларига ҳам зиён қилувчилар қиёмат куни ана шундай аламли ва қаттиқ азобга дучор бўлишади. Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом инсонларни қиёмат кунининг азобларидан ҳамиша ана шундай огоҳлантирганлар. Бандаларнинг бундай оғир ҳолатга тушмасликлари учун дунёда ўзларини ўнглаб, охиратга тайёргарлик кўришга, бунинг учун эса Парвардигорларидан қўрқиб, тақвони кучайтиришга чақирганлар.
Ким Аллоҳдан қўрқмаса, қиёматнинг даҳшатларидан қўркувга тушади. Ким Аллоҳга тақво қилмаса, қиёмат куни ёрдамсиз ташлаб қўйилади. “Тақво” сўзи луғатда «сақланиш; эҳтиёт бўлиш; қўрқиш; зарарли ва кароҳиятли нарсалардан четланиш» маъноларини билдиради. Истилоҳда Аллоҳнинг уқубати ва азобларидан сақланиш учун Унинг буйруқларини бажариш, қайтариқларидан четланиш «тақво» дейилади. Тақво Аллоҳ таолодан қўрқиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан тийилишдир. Бундай хислат соҳиби тақводор (муттақий) саналади. Тақводор киши ишончли саналади, ундан ҳеч ким зиён кўрмайди. Исломда барча инсонлар бири-бири билан тенгдир, улар фақат тақволари билан ажралиб туришади. Куръони каримда: «Аллоҳ наздида сизларнинг энг ҳурматлироғингиз таҳводорроғингиздир» (Ҳужурот, 13), дейилган. Тақвонинг акси фисқ-фужур ва исёндир, Аллоҳга осий бўлиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан сақланмасликдир.
17. тоғутга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бордир. (Эй Муҳаммад), Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки;
Арабча «тоғут» сўзи «туғён, исён» лафзидан олинган бўлиб, «кўп туғёнга кетувчи», «жуда ҳаддидан ошувчи» маъноларини билдиради. Қуръони карим ва Ислом таълимотлари истилоҳида Аллоҳдан ўзга ибодат қилинган ҳамма нарса «тоғут» дейилади. Баъзи уламолар тоғутни “шайтон” ҳам дейишган. Ушбу ояти каримадан аён бўладики, одамлар икки тоифа - Аллоҳга ёки тоғутга ибодат қиладиган бўлади. Учинчи хили бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга ибодат қилмаган одам албатта тоғутга, яъни Аллоҳдан ўзгага сиғинган бўлади. «Мен динсизман, ҳеч нарсага ибодат қилмайман» дейдиганлар ёлғончидирлар. Улар ҳеч бўлмаганда ўз ҳавойи нафсига ёки ўзи аъзо бўлган жамиятнинг урф-одатларига бўйсунган - ибодатитоат қилган бўлади. Холис Аллоҳ таолонинг Ўзига итоат қилган, тавҳидга амал этиб, ибодатда бўлган одамгина нажот топади. Ана шу тоифадаги кишилар учунгина хушхабар бор. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаган, ҳар бир нарсада Аллоҳга қайтиб, ҳамиша Унинг амрига мувофиқ иш тутувчи ва тавҳидга амал қилувчиларгагина нажот ва жаннат ҳақидаги хушхабар бордир.
18. улар сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига эргашишади». Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир.
Аллоҳ таоло инсонга ато этган энг улуғ неъматлардан бири сўздир. У инсонлараро муомала-муносабат воситаси, тафаккур таржимони, Аллоҳ таолога бандаликни адо этиш омилидир. Сўзларнинг энг фойдалиси Аллоҳ таолони эслатадиган, одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарадиганларидир. Аллоҳнинг тақволи, холис Унинг Ўзига ибодат қиладиган, тоғутга умуман яқинлашмайдиган бандалари сўзни жондиллари билан эшитадилар, аммо унинг ичидан энг яхшисини танлаб олиб, ўшанга эргашадилар. Сўз-ларнинг энг яхшиси эса Аллоҳ ва Унинг Расули сўзларидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, Аллоҳ ва Ўнинг Расули сўзларига эргашувчи бандаларгагина хушхабар беришни буюрмоқда. Туғёнга кетган, ўзини Аллоҳнинг ўрнига қўйган тоғутларнинг гапларига эргашганларга эса асло хушхабар йўқ. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ (йўли)га чакррган ва ўзи ҳам солиҳ амал ҳилиб, “Мен мусулмонларданман” деган кишидан ҳам чиройлирок, сўзловчи ким бор?” (Фуссилат, 33).
Ибн Зайд айтади: “Бу оят жоҳилият пайтида ҳам “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деб юрган уч киши ҳақида нозил бўлган. Улар: Зайд ибн Амр, Абу Зарр Ғифорий ва Салмон Форсийлардир”. Ато улуғ саҳобий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтириб, рисолатларини тасдиқлади. Шунда Усмон, Абдураҳмон ибн Авф, Талҳа, Зубайр, Саид ибн Зайд ва Саъд ибн Абу Ваққослар унинг олдига келиб, ундан бу ҳақда сўрашди. У имонга келганини уларга айтди. Шунда улар ҳам имон келтиришди. Шунда улар ҳақида “(Эй Муҳаммад), Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар сўзга кулок, тутиб, унинг энг гўзалига эргашишади” ояти нозил бўлди”.
19. Ёки бир кимсага азоб сўзи муқаррар бўлса, сиз дўзахдаги кимсани қутқара олурмидингиз?!
Яъни, эй Пайғамбарим, тоғутга эргашгани учун дўзахда ёниши муқаррар бўлган кимсани сиз ҳам оловдан қутқара олмайсиз. Уларнинг қилмишлари учун жазолаш ҳукми ўқилган, уларга азоб сўзи собит бўлди. Улар ҳар қанча ялиниб-ёлборишса ҳам, қилмишлари учун сабаб-баҳоналар топишса ҳам барибир дўзахга тушишади. Аллоҳ таоло томонидан умматларини шафоат қилиш изни берилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни дўзах оловидан қутқара олмасалар, уларга бошқа ҳеч ким ҳам ёрдам бера олмайди.
20. Лекин Парвардигорларидан қўрққанлар учун устма-уст қурилган болохоналар бордир. Остларидан анҳорлар оқиб туради. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмайди.
Дунё ҳаётида тавҳид ва имон билан, яхши амаллар қилган тақволи ва мақоми олий бандаларга Аллоҳ таоло жаннатда остларидан анҳорлар оқиб турадиган устма-уст кўшк-болохоналарни барпо этиб қўйган. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг ҳақ ваъдасидир, У ваъдага асло хилоф қилмайди. Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинган ҳадис давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, жумладан шундай деганлар: “Улар қизил ёқутдан ёки яшил забаржаддан ёхуд оппоқ дурдан бўлган болохоналардир. Жаннат аҳли у боло-хоналарда уфқнинг шарқи ёки ғарбидаги юлдузларни кўргандек кўриб, томоша қилиб ўтиришади” (Термизий ривояти); Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимизга чиқиб: “Сизларга жаннат болохоналари ҳақида айтиб берайми? У алвон-алвон жавоҳирлардан бўлган, унинг ташқариси ичкарисидан, ичкариси ташқарисидан кўриниб туради. Унда қулоқ эшитмаган, кўз кўрмаган неъмату кароматлар бор”, дедилар. Биз: “Ота-онамиз сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули, бу кимга?” деб сўрадик. “Саломни ёйган, рўзада бардавом бўлган, таом берган ва одамлар уйқудалигида намоз ўқиганлар учун”, дедилар. Биз: “Ота-онамиз сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули, бунга ким тоқат қила олади?” У зот: “Менинг умматларим тоқат қила олади. Тоқат қиладиганлар ҳақида сизларга шуни айтаман: ким мусулмон биродарига йў-лиққанда салом берса, дарҳақиқат у саломни ёйган бўлади; ким аҳли-оиласига таом бериб, уларни тўйдирса, таом берган бўлади; ким рамазон рўзасини тутиб, ҳар ойда уч кундан рўза тутса, у рўзада бардавом бўлади; ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, у одамлар ухлаб ётганида намоз ўқиган бўлади”, дедилар” (Абу Нуъайм ривояти).
21. Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбалардан оқизиб қўйганини кўрмадингизми?! Сўнгра у билан турли рангдаги экинларни чиқаради. Кейин у қурийди, шунда уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра уни хазон-хашакка айлантиради. Бунда ақл эгалари учун албатта эслатма бордир.
Атрофингизга боқиб, борлиқдаги инсон яратилганидан буён ҳамиша такрорланадиган ҳолатни ҳеч кузатганмисиз? Кўклам келиши билан Аллоҳ таоло осмондан мўл-кўл ёғин (қор, ёмғир, дўл каби) ёғдириб, уни турли сув манбалари (чашмалар, сой ва дарёлар) орқали оқизиб, қақраб ётган заминни тўйдириб суғоради. Сув ва қуёш нури таъсирида ранг-баранг кўкатмайсалар, экинлар униб чиқиб, биз яшаб турган Ер бутунлай ўзгариб кетади: ҳамма-ёқ ям-яшил тусга киради. Ёзи билан одамлар ва чорвалар, бошқа жонзотлар учун бу экинлар ризқ манбаига айланади. Кейин яшнаб турган экинлар қуриб, сарғая бошлайди, сўнгра улар хазон ёки қуруқ хор-хашакка айланади. Аллоҳ таолонинг изни ва ҳикмати билан табиатда содир бўлаётган бу ўзгаришлар фоний ва бебақо дунё ҳаётининг тезда заволга юз тутишига, тугашига ишорадир. Осмондан сув тушириб, ўсимликларни ранг-баранг қилиб ўстириб, борлиқни яшнатиб қўйиш, кейин эса ҳаммасини қуритиб-сўлдириб йўқ қилиш Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ёрқин далилдир. Аллоҳ таоло Ўзи туширган сув ёрдамида ҳаммаёқни яшнатгани, кейин эса сувни тўхтатиб қўйиб, ҳалок қилгани каби Аллоҳ дунё ҳаётидаги бу жўшқин ҳаётни тезда тамоман тугатиши ҳам аниқдир. Шунинг учун бандалар Парвардигорларининг бу иродаси ва ҳикмати ҳақида озгина ақлларини ишлатишса, тафаккур қилишса, фоний дунё ташвишлари билан ўралашиб, охиратларини эсдан чиқармаган бўлишарди! Ҳамма нарсанингягонаяратувчиси ва Ўз низоми асосида бошқарувчиси Аллоҳ таолога имон келтирган, Унга итоат қилган, залолат ва зулм чангалзорларида адашиб юрмаган бўлишарди!
22. Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб, Парвардигоридан келган нур узра бўлган киши (адашганлар каби бўлармиди?). Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин, улар аниқ залолатдадирлар.
Ушбу ояти каримада мўмин қалб билан кофир қалбнинг орасидаги фарқ баён этиб берилмоқда. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло бир банданинг қалбини Исломга кенг қилиб очиб қўйган бўлса, унга илоҳий даъват осонгина етиб боради, унда Парвардигоридан қўрқув кучаяди, ҳар ишда, ҳар сонияда Аллоҳнинг розилигини топишга, Унга тоат ва ибодатда бўлишга интилади. Агар Аллоҳ азза ва жалла бир кимсанинг қалбини Исломга ёпиб қўйган бўлса, унга ҳатто Пайғамбарнинг даъватлари ҳам кор қилмайди, қулоғи илоҳий ваҳийни эшитмайди, қалбига заррача бўлсин имон нури кириб бормайди.
Аллоҳ таоло ушбу оятида қалби Исломга кенг очиқ мўмин билан қалби динга тақатақ берк кофир кимсанинг асло тенг бўлмаслигини таъкидламоқда. Шунингдек, ушбу оятда Аллоҳни зикр қилишдан, У Зотга мақтов-шукр айтишдан тўсилиб, қалби қотиб қолган кимсаларга “вой”, яъни дўзах азоби ва ҳалокат бўлиши ҳақида огоҳлантириш бор. Бундай кимсалар Аллоҳни зикр қила олишмайди, чунки қалблари тош бўлиб қотиб қолган. Қотган тошнинг ичини ҳатто имон ва ҳидоят нури ҳам ёритмайди. Уларнинг қалбига Ислом нури ҳам, имон нури ҳам, Аллоҳнинг зикри туфайли порлайдиган илоҳий нур ҳам кирмайди. Ана шундайлар аниқ залолатда, адашувдадирлар. Шунинг учун ҳам улар залолат зулматларида тўғри йўлни топа олмай адашиб юришади ва бора-бора ҳалокат чоҳи сари қулайдилар.
Қалбнинг қотиб қолиши, унга илоҳий тажаллининг таъсир қилмаслиги инсон учун энг оғир мусибатлардандир. Бир киши Ҳасан Басрийнинг олдиларига келиб: «Эй Абу Саид, сизга қалбимнинг қаттиқлигидан шикоят қиламан», деди. «Уни зикр билан эритгин», дедилар. Атоқли Ислом олимларидан Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг шундай сўзлари бор: “Мўмин инсон учун ғафлат (Аллоҳни унутиш) ва қалб қаттиқлигидан кўра катта мусибат келмайди. Қуръон оятларини эшитади, ваъз-насиҳатлар эшитади, тарғиб ва тарҳиб (қўрқитиш) эшитади, булардан заррача таъсирланмайди. Ибн Қудома шундай деган: “Қуръонни англашга куйидагилар тўсиқ бўлади: тиловат қилувчи гуноҳга қасд қилган бўлиши ёки мутакаббирлик билан сифатланиши ёхуд ҳавои нафсга эргашишга мубтало бўлмоғидир. Чунки булар қалб қорайиши ва занглашининг сабабларидир”.
Асбабун-нузул китобларида келишича, ушбу оят Ҳамза, Али, Абу Лаҳаб ва унинг ўғли ҳақида нозил бўлган. Алий ва Ҳамза розияллоҳу анҳумо Аллоҳ қалбини Исломга очган кишилардандир. Абу Лаҳаб ва унинг ўғиллари эса қалблари Аллоҳнинг зикридан тўсилиб, қотиб қолган кишилардир. Аслида эса Аллоҳ таоло бандаларига нурни, ҳидоятни Қуръон орқали тушириб қўйган эди.
23. Аллоҳ гўзал Сўзни ўхшаш ва такрорланувчи Китоб қилиб нозил этди. Ундан Парвардигорларидан қўрқадиганларнинг терилари титраб кетади. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшайди. Мана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У билан Аллоҳ Ўзи хоҳлаганларни ҳидоят қилади. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, унинг учун ҳидоятга бошловчи бўлмайди.
Аллоҳ таоло гўзал Сўзни, яъни Қуръони каримни Ўз ҳикматига кўра босқичма-босқич, бирин-кетин туширди. Унда бир-бирига ўхшаш сўзлар такрорланиб келса-да, аммо улар ҳар гал бошқа-бошқа маъноларни англатади. Бу Китобнинг оятлари гўзалликда, балоғат-да, ҳикматда, чуқур маъноликда, ҳукм ва амрларда бир-бирига ўхшаса-да, аммо ҳар гал уни қироат қилувчи янги-янги маъноларни кашф этаверади. “Такрорланиши”га келсак, Қуръон ҳукмлари, ҳикматлари, ваъз-иршодлари, огоҳлантиришлари ва қўрқитишлари, ваъдаю таҳдидлари кўп такрорланиб келади. Қуръон тадқиқотчилари давримизга келиб ундаги айрим сўзларнинг бир хил ададда такрорланиб келишини ҳам кашф этишди. Масалан, “дунё” ва “охират” сўзлари Қуръонда бир хил миқдорда, 115 мартадан такрорлан-са, “шайтон” ва “фаришта” ҳам бир хил - 68 мартадан, “ўлим” ва “ҳаёт” сўзлари 145 мартадан такрор келган. “Жазо” сўзи 117 марта такрорлангани ҳолда “кечириш” сўзи роппа-роса икки баравар кўп, 234 марта такрорланади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу ҳам Қуръони каримнинг мўъжизлиги, яъни ақлларни лол қолдириши ва илоҳий калом эканига ёрқин бир мисолдир.
Ояти каримада яна Аллоҳдан қўрқувчиларнинг Қуръон тиловат қилганда терилари “титраб кетиши” васф қилинади. Нега энди баданлари, вужудлари эмас, айнан терилари титрайди? Бу ўринда ҳам Қуръони каримнинг ўта балоғати, фасоҳати намоён бўлмоқда. Маълумки, инсон вужудидаги энг сезгир аъзо тери экан. Тери баданнинг ташқи ҳимоя девори бўлгани учун биринчи таъсирни у қабул қилади. Масалан, баданга игна (укол) санчилганда у терига кириши билан қаттиқ оғрийди, теридан ўтган заҳоти оғриқ пасаяди. Шунинг учун дўзахийлар бир марта ўтда куйганларидан кейин Аллоҳ таоло уларнинг териларини янгитдан пайдо қилиш билан уларнинг азобини қайтадан кучайтириши ҳақида олдинроқ оят келган эди. Ана шу ҳикматга кўра Аллоҳдан қўрқадиган бандалар ҳар гал Қуръон ўқишганда, унинг тиловатини эшитганда терилари, яъни баданларига титроқ киради. Ундаги маънолардан таъсирланиб, Китобни нозил қилган Аллоҳнинг ҳайбатидан, Уни улуғлашдан қалблари титрайди. Бу Аллоҳ таолонинг аброр бандалари, яхшиларнинг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, унинг оятлари маъносидан қаттиқ таъсирланишади, огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва рахдоат оятлари келганида умидворлиқцан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллохдинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Қуръони каримдан бундай таъсирланиш уларнинг Аллоҳ ҳидоятига сазовор бўлганлари аломатидир. Аллоҳнинг ҳидоятига эришган банда эса Парвардигор Каломидан таъсирланади, ундаги амр-фармонларни бажаришга киришади, Қуръон таълимотларини ҳаётига татбиқ этади.
Мусъаб ибн Саъддан ривоят қилинади: “Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизлар билан бир гурунглашиб-сўзлашиб ўтирсангиз бўлмайдими?» дейишганда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди.
24. Ахир қиёмат куни ёмон азобдан юзи билан “сақланадиган” кимса (азобдан омон бўлган мўмин билан тенг бўлармиди?) Золимларга: «Касб қилиб юрганларингизни тотиб кўринглар» дейилади.
Оятдаги “биважҳиҳи” сўзи “юзи билан” маъносини англатади. Қиёмат куни ўз куфрлари ва ширклари билан ўз жонига зулм қилган кимсалар дўзахга юзтубан қилган ҳолда судраб олиб борилади, шунинг учун ояти каримада уларнинг юзлари билан ёмон азобдан “сақланишлари” ҳақида сўз бормоқда. Яна уларда азобдан ҳимояланиш учун юзларидан бошқа ҳеч қандай воситалари бўлмаслигига ҳам ишорадир.
Одам ёмон нарсадан юзини тўсиш билан ҳимояланади, яъни қўли билан юзини тўсишга интилади. Бу тарзда ҳимояланиш учун режа тузиб ўтириш шарт эмас, балки инсон ўйлаб ҳам ўтирмай дарров юзини тўсишга ўтади. Золим кофирлар ва мушрик дўзахийлар эса, бошларига энгулкан хавф - қиёмат азоби келганида азобни юзлари билан тўсиб, ўзларини ҳимоя қилишга уринишар экан. Чунки қўллари кишанланган ҳолда бўлгани учун юздан бошқа ҳимоя воситаси қолмас экан. Бу ниҳоятда ёмон ҳолат бўлгани учун ана шундай азобга гирифтор бўлганлар имони ва итоати билан Аллоҳнинг азобидан қутилиб қолган мўминлар билан асло тенг бўлишмайди. Шунинг учун ана шу золимларга “Дунё ҳаётида касб қилиб юрган амалларингизнинг азобини тотиб кўринглар” дейилади. “Касб қилиш” Қуръон истилоҳида инсон ўз қилмишлари билан қўлга киритган мукофот ёки жазони билдиради. Ким эзгу, солиҳ амалларни қилган бўлса, Аллоҳнинг мукофотига сазовор бўлади, ким куфр ва зулм билан ўз жонига зулм қилган бўлса, Аллоҳнинг жазосига учрайди, бу икки тоифа асло тенг бўлмайди.
25. Улардан олдингилар ҳам ёлғончига чиқаришганида уларга ўзлари сезмаган томондан азоб келганди.
Куфр келтирувчи кимсалар инсонияттарихида содир бўлган воқеалардан асло хулоса чиқаришмайди, аждодларининг қисматидан ибратланишмайди. Агар шундай қилишганида ўтган аждодлар бошига келган Аллоҳнинг азоб ва балолари бундай куфр эгаларининг кўзини очган бўлар эди. Тарихдан маълумки, Аллоҳга, Унинг динига ва пайғамбарларига қарши булардан олдин ҳам макр-ҳийла қилганлар кўп бўлган.Улар бу макр-ҳийлалари билан ўзларича динудиёнатни, имон-эътиқодни йўқ қилиб, унинг тарқалишига йўл қўймаймиз, деб ўйлашганди. Аммо иш улар қилган гумон ва хаёллардан тамоман бошқача бўлиб чиққан. Бошларига Аллоҳнинг шундай азоблари туй-қусдан келдики, улар азобнинг қаердан ва қандай келиб қолганига ақллари етмай қолди. Кофир ва мушрикларнинг авлодлари ҳам оталари изидан бориб, охирзамон Пайғамбарини инкор этишга, у зотни ёлғончига чиқаришга ҳар қанча уринишмасин, уларни ҳам олдинги-ларнинг бошига бехосдан келган илоҳий азоб кутиб турибди.
26. Аллоҳ уларга дунё ҳаётида шармандаликни тоттирди. Агар улар билганларида, охират азоби бунданда каттадир.
Аллоҳга имон келтирмай, куфр йўлини тутиб ўтиш дунёдаги энг катта хорлик ва шармандалиқцир. Улар Аллоҳни танимай, имондан бебаҳра ҳолда, нафс ва шайтонга қуллик қилиб яшаб ўтишади. Яшашни фақат яхши еб-ичишда деб тушунишади, бутун куч-интилишларини шу йўлда совуриб юборишади. Ҳаётларидан заррача мазмун, завқ ва таскин топмай, абгор ҳолда ўлимларини қарши олишади.
Азоб ва шармандаликларнинг каттаси ана шундан кейин бошланади. Улар дунёда охиратга ишонмаганлари учун унга мутлақо тайёргарлик кўрмаган, бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган эдилар. Қарашсаки, қиёмат, ўлгандан кейин қайта тирилиш, дунё ҳаётидаги барча қилмишлар учун Аллоҳ ҳузурида ҳисобга тортилиш ҳақ бўлиб турибди. Аллоҳнинг буйруқларини инкор этган, Унинг пайғамбарларига итоатда бўлмаган, залолатга кетиб, куфр ва ширк йўлини танлаган кимсаларга охиратда аламли азоблар, дўзах қийноқлари борлиги нақд бўлиб турибди.
Ана шундай шармандаликка учраганлар Аллоҳга ширк келтирган, шайтон васвасасига, нафс найрангига учиб, умрини гуноҳ ва қабиҳ ишлар билан ўтказган, елга совурганлардир. Улар чексиз азоб-уқубат ўчоғи бўлмиш жаҳаннамда абадий азоб чекиш билан жазоланадилар. Мушрикларнинг бутун бир жамияти ичидан фақат озгина киши пайғамбарларга эргашган бўлса, муборак даъват етиб борган халқларнинг асосий кўпчилиги ваҳийлардан юз ўгирди. Бунинг устига бу осийлар Аллоҳ таолога итоатсизлик билангина кифояланиб қолмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни, уларга имон келтирган сафдошларини қаттиқ хўрлашди, улар устидан ку-лишди. Аллоҳнинг элчиларини ҳар гал ёлғончиликда, жоҳиллиқца, жодугарликда, ақлсизликда, манфаатпарастлик ва худбинликда, қўйингки барча гуноҳ-хатоларда айблашди. Ана шундай кофир ва мушрикларга Аллоҳ таоло ушбу дунё ҳаётидаёқ хорлик, шармандалик азобини тоттириб қўйганди, агар улар билсалар, охират азоби бу дунё азобидан ҳам қаттиқ, шиддатли бўлади. Шунинг учун кофир ва мушриклар вақт борида ўзларини ўнглаб олсинлар.
27. Ҳақиқатан бу Қуръонда инсонларга турли мисолларни келтирдикки, шояд насиҳат олсалар.
Қуръони карим оятларининг аксарият қисми охират ҳаётининг мавжудлигини такрор ва такрор инсонларга уқтиришга қаратилган. Айтиш мумкинки, Аллоҳ таолонинг борлиги, бирлиги ва бу эътиқод билан боғлиқ таъкидлардан кейин Қуръони каримнинг энг муҳим хабарларидан яна бири - охиратнинг барҳақлиги, яъни бу дунёда қилиб ўтган амалларимизнинг охират дунёсида ҳисоб-китоб қилиниб, мукофот ёки жазо берилишининг айни ҳақиқат эканидир.
Қуръони каримнинг биринчи ва энг улуғ таъкиди, энг муборак хабари Аллоҳ таолонинг Биру Борлиги, инсонларнинг бу ҳақиқат ҳамма нарсадан муҳим ва аъло эканини идрок этиб, Аллоҳга ширк келтирмай бандалик қилишлари масаласидир. Қуръон коинотдаги барча жараёнларнинг мутлоқ холиқи - Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигини билдириб, ўз навбатида борлиқдаги барча жараёнлар Аллоҳ таолонинг чексиз ва тенгсиз илмини, қудратини, санъатини намоён этиб, Қуръонни тасдиқламоқда. Мана шу муҳим илм бўлмиш Аллоҳнинг бирлиги ва борлиги ақидасини ўртага қўйган Қуръони каримга тенг ёки муқобил бошқа бирор манба Ер юзида мавжуд эмас. Шунингучун инсонлар имонсизликдан, бутпарастликдан халос бўлиш учун Қуръонда келтирилган мисоллардан ибратланиш-лари, хулоса чиқаришлари ва ҳидоят сари юзланишлари зарур.
28. Эгриликсиз арабий Куръонни (туширдикки), шояд тақво қилишса!
Аллоҳ азза ва жалланинг аввалда нозил қилган китоб ва саҳифалари ўша замонларда яшаган халқларнинг тилида бўлган эди. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Китобини қиёматгача бутун инсониятга дастур ўлароқ араб тилида нозил қилди. Бу шундайин гўзал, фасоҳатли, мукаммал тилки, Қуръони каримни араб тилида тушири-лишининг ҳикмати ҳам шунда! Бу тилда қироат қилувчини чалғитадиган, сўзларнинг бошқа маънога бурилишига сабаб бўладиган ҳеч қандай эгрилик, ноқислик, қийиқлик йўқдир. Аллоҳ таолонинг бундан иродаси бандаларининг фақат Ўзидан қўрқишлари, яъни тақво қилишлари эди.
29. Аллоҳ бир мисол келтиради: бир кишига талашувчи шериклар эга бўлса, бошқасига фақат бир киши эгалик қилади. Икковларининг мисоли баробармиди? Мақтов фақат Аллоҳгадир, ҳа, уларнинг кўплари билишмайди.
Ушбу ояти каримада муваҳҳид - фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига имон келтириб, Унгагина ибодат қиладиган одам билан унинг акси бўлган одамнинг мисоли келтирилмоқда. Аллоҳ таоло ушбу масал орқали бандаларига Ўз ваҳдониятига далолат қилувчи яна бир ҳақиқатни васф қилмоқда. Ҳақиқатан, бир тасаввур қилиб кўринг: бир қулнинг эгалари ҳамиша бир-бирлари билан тортишиб юрувчи кўпчилик бўлса, бошқа бир қул бу ташвишдан омонда бўлиб, унинг эгаси фақат бир киши бўлган экан. Аллоҳ таоло бандаларига хитоб қилиб айтяптики, энди айтингларчи, ана шу икки қул бир-бири билан баробар бўла оладими? Кўпчиликка қул бўлган киши уларнинг бир-бирига зид топшириқларини бажара олмай, улардан қай бирини хурсанд қилишни, кўнглини қандай олишни билолмай ма-шаққатга тушиб қолмайдими? Эгаси ёлғиз бир одам бўлган қул эса, фақат унинг айтганини қилиб, хизматини бажариб, осонгина рози қила олиши барчага беш қўлдай аёнку!
Лекин кўпчилик ушбу ҳақиқатни англамайди, билмайди. Агар билганида қуллик-бандалик қилишга ягона Зот турганида Унга бошқа шерикларни нисбат бериб, мушриклик йўлини тутмаган бўларди. Ягона Зотга бандалик, тоат, ибодат қилиш ўрнига турли сохта “илоҳ”ларга сиғиниб юрмаган бўларди! Сиғинишга муносиб Зот Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи бўлганидан кейин Унга ҳамду санолар йўлланг, ҳамиша ёлғиз Унинг зикрини қилинг! Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг, карамли саҳобалари розияллоҳу анҳумнинг ва солиҳ салафларимизнинг тиллари ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан банд бўлган. Шунинг учун ҳам у зотларнинг ўлим олдидан айтган охирги сўзлари Аллоҳга илтижо, тазарру, ҳамд-шукрона бўлди. Улуғларнинг сўнгги дамдаги охирги каломлари фақат Аллоҳнинг зикри, У Зотга ҳамду сано, тавҳид калимаси бўлган. Хотималари, оқибатлари шундай бўлиши учун умр бўйи тайёргарлик кўришган. Ҳар қадамда, ҳар бир ҳолатда - ётганда ва ўтирганда ҳам тилларидан таҳлил, такбир, ҳамд тушмаган. Чунки улар умрлари поёнида-ги охирги сўз жаннат боғларига бир очқич, Аллоҳ ҳузуридаги савол-жавобларида жонга ора кирувчи бир ҳужжат бўлишини яхши англашган ва шунга қаттиқ ишонишган.
30. (Эй Муҳаммад), сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар ҳам ўлувчидирлар.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қиляптики, Аллоҳдан бошқа ҳар бир тирик жон барибир бир куни ўлади. Дунё ҳаётида ўлмай-диган ҳеч ким бўлмайди, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина боқий қолади. Бунга Пайғамбар алайҳиссаломнинг рихлатлари (охиратга кўчишлари) ёрқин мисол бўла олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этган кунлари энг оғир кун бўлиб, мусулмонлар ўзларини йўқотиб қўйишди. Баъзилар у зотнинг вафот этганларига ишонган бўлишса, бошқалар “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлмаганлар, Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни осмонга кўтарганидек, у зотни осмонга кўтарган” деб даъво қилишгача боришди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Зумар сурасидаги ушбу ояти каримани ўқиб, “Ким Муҳаммадга (алайҳиссалом) ибодат қиладиган бўлса, Муҳаммад ўлди, ким унинг Парвардигорига ибодат қиладиган бўлса, Муҳаммаднинг Парвардигори мангу ҳаётдир, У асло ўлмайди” деганидан сўнггина бу ихтилоф барҳам топди.
31. Сўнгра сизлар қиёмат куни Парвардигорингиз ҳузурида албатта тортишасизлар.
Насафий тафсирида зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари “қиёмат куни ҳеч ким билан даъволашмаймиз” деб юришарди. Мухолиф томон Усмон розияллоҳу анҳуни ноҳақ ўлдиргач, “Энди хусумат туфайли даволашадиган бўлдик”, дейишган экан. Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло бандаларига хитоб қиляптики, ўлганингиздан кейин қиёмат қойим бўлгач қайта тириласизлар ва Аллоҳ таоло ҳузурида жамланасизлар. Ўшанда ўзаро зулм, дину дунё ишлари бўйича тортишиб, бир-бирларингизга даъво қиласизлар. Ана ўшанда Парвардигорингиз ораларингизда Ўз адли билан одилона ҳукм чиқаради. Бу ҳам Аллоҳнинг тавҳидига далолат қилувчи далиллардандир.
32. Аллоҳ шаънига ёлғон гапирган ва ўзига ростлик келганида уни ёлғонга чиқаргандан ҳам золимроқ борми?! Дўзахда кофирларга жой йўқми?!
Аллоҳ шаънига ёлғон гапириш мушрикларнинг сифатидир. Мушрик кимсалар «Аллоҳнинг шериги бор, Аллоҳнинг хотини, ўғли ёки қизи бор» деб, У Зотга нисбатан ёлғон гапиришади. Улар шунчалар туғёнга кетганки, Аллоҳнинг Пайғамбари уларга ростликни, яъни Қуръони каримни олиб келса ҳам барибир ишонишмайди, уни ҳам ёлғонга, ўтганларнинг афсонасига чиқаришади. Улар бу манфур қилмишлари билан ўзларига қаттиқ зулм қилишади, даҳшатли золимга айланишади. Дунёда Аллоҳни, Унинг ваҳийларини ёлғонга чиқаришдан ҳам ортиқроқ золимлик бўлиши мумкинми? Бутун махлуқотни яратган, ҳеч қандай шерик ёки ёрдамчига, хотин ва фарзандга эҳтиёжи бўлмаган Зотга ана шундай шерикларни нисбат бериб, мушриклар дунёдаги энг катта ва машъум зулмга қўл уришди. Аллоҳнинг тавҳидига имон келтириш, ўзларига келган рост Сўзни - Қуръонни тасдиқлаш ўрнига уни ёлғонга чиқаришгани учун абадий азобга гирифтор бўлишди. Мана шунинг ўзи энг катта золимлиқцир. Бундай кофир ва мушрик кимсаларнинг жойи албатта мангу азоб-қийноқлар жойи бўлмиш дўзахдир. Улар Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаганлари учун шундай машаққат ва қайғуларга дучор бўладиларки, ранглари ўзгариб, юзлари қорайиб кетади. Ибн Жавзий тафсирида айтилишича, бир тоифа уламолар Аллоҳ ва Пайғамбар шаънига ёлғон гапириш мўминни Ислом миллатидан чиқариб юборадиган куфр эканини тасдиқлашган. Ҳаромни ҳалол қилиш ва ҳалолни ҳаром қилиш борасида Аллоҳ ва Пайғамбар шаъ-нига ёлғон гапириш очиқдан-очиқ куфр эканида ҳеч бир шубҳа йўқ.
33. Ростликни келтирган ва уни тасдиқ қилганлар эса - ана шулар тақводорлардир.
Ростликни, яъни Аллоҳнинг ваҳийларини келтирган зот Муҳаммад алайҳиссаломни тасдиқлаган ҳамда у киши келтирган илоҳий ваҳийларга имон келтириб, Аллоҳнинг элчисига эргашган мўминлар ҳақиқий тақводорлардир. Қуръони каримни келтирган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда бошқа барча пайғамбар алайҳимуссаломлар, шунингдек уларни тасдиқлаган барча мўмин бандалар Аллоҳдан қўрқувчи тақводорлар сирасига киради. Улар Аллоҳ таолонинг ғазаб ва азобидан қаттиқ қўрққан, Унинг амр-фармонларини бажарган, қайтарганларидан қайтган саодатманд бандалардир. Илоҳий маълумотларга чин дилдан ишониб, ҳеч иккиланмай тасдиқ этувчи ва амал қилувчи, тили билан дили бир зотлар «сиддиқ» (содиқ) деб аталади. Уларнинг охиратдаги, жаннатдаги даражаси расуллар ва шаҳидлар қаторида туради. Ислом тарихида бу шарафга биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларини, меърожга чиққанларини ҳеч тараддудланмай тасдиқ этган улуғ саҳобий, Ислом давлатининг илк халифаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эришганлар.
34. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Бу яхшилик қилувчиларнинг мукофотидир.
Аллоҳдан қўрқувчилар тақводорлардир. Тақводорлар Аллоҳдан қўрққанлари учун Унинг амрига итоатда туришади, ўзларини барча ёмонликлардан тийишади. Улар охират йўлида ҳамиша тоат-ибодатда бўлишади. Жаннат неъматлари орзусида барча қийинчилик, азоб-уқубатларга сабр этишади. Тақводорликнинг белгиси қўрқув ва умид орасида туришдир, яъни Аллоҳнинг ғазабидан, азобидан, дўзахидан, иқобга олишидан, ҳисоб-китобидан қўрқиш ва айни пайтда Унинг раҳмат-мағфиратидан, меҳрибонлигидан, жаннатга киритишидан умидворлик туйғуси билан яшашдир! Тақводорликнинг биринчи шарти охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳис-салом олиб келган илоҳий ваҳийларга ҳеч бир шубҳа-тараддудсиз ишониш, намозни барча арконларига риоя этиб тўкис адо этиш ва Аллоҳ ризқ қилиб берган ҳалол мол-мулклардан муҳтож кишиларга ва Аллоҳ буюрган ўринларга хайр-эҳсон қилишдир. Охиратдаги азобларни ўйлаб Аллоҳдан қўрқадиган, Парвардигор ҳузуридан келган нарсани тасдиқлаш билан Унинг раҳматини умид қиладиган тақводор мўминлар жаннат ва дўзахни, фаришталарни ва шу каби ғайбий (махфий) нарсаларни кўришмаса ҳам Аллоҳ ва Унинг Расули баён қилганига кўра ишонишади. Ана шундай тақводор бандалар учун охиратда, жаннатда кўнгиллари истаган нарса муҳайё бўлади. Бу нарсалар уларнинг Парвардигорлари ҳузуридаги ҳақларидир. Бу дунёда тақводор бўлиб ўтган зотларнинг охиратдаги мукофоти ана шундай гўзал бўлади.
35. Аллоҳулар қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб юрган энг гўзал амаллари савоби билан мукофотлайди.
Аллоҳ таоло айтяптики, Мендан қўрқадиган бандаларимнинг билиб-билмай қилиб қўйган ёмон ишларини номаи аъмолларидан ўчириб юбораман, дунёда қилиб юрган яхши амалларининг савобини эса кўпайтириб бераман. Дунёда инсонларга бериб қўйилган барча мол-дунё ва зийнатлардан яхшироқ нарса Бизнинг ҳузуримизда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, остидан анҳорлар оқиб турувчи, абадий яшаладиган гўзал жаннат боғларидир. Уларда осуда ҳаёт, беҳисоб неъматлар, покиза жуфтлар бор. Булардан ҳам аълоси Аллоҳ таолонинг розилиги бор.
Охиратда заррадек амал ҳам ўлчаниб, ўшанга биноан жазо ёки мукофот берилиши Аллоҳнинг адолатидир. Аммо тақводор бандаларга Аллоҳ таоло бундан-да ортиқ марҳамат ва карам кўрсатиб, Ўз фазли билан тақводор бандаларнинг ёмон амалларини кечиб юборади, мукофотни эса, уларнинг энг яхши амаллари ҳисобидан беради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: ”Айтпинг: «Сизларга булардан ҳам яхширок, нарса ҳакрда хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида остларидан анҳорлар оҳиб турадиган, абадий яшаладиган жаннатлар, пок хотинлар ва Аллоҳ тарафидан ризолик бор. Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир» (Оли Имрон, 15).
36. Аллоҳ Ўз бандасига кифоя эмасми?! (Эй Муҳаммад), улар сизни (Аллоҳдан) бошқа нарсалар билан қўрқитишади. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, унинг учун асло ҳидоят қилувчи бўлмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка мушрикларини Аллоҳ таолонинг тавҳидига чақириб, уларнинг турли сохта “илоҳ”ларини айблаганларида, улар: «Муҳаммад худоларимизни сўкишдан тўхтамаса, унга албатта ёмонлик етади» деб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни қўрқитмоқчи бўлишган. Ушбу оят ана шу муносабат билан нозил бўлган экан. Гарчи у маълум ҳолатга хос бир сабаб билан нозил бўлган эсада, унинг маъноси умумийдир.
Ояти карима хабар беряптики, тақводор банда ҳамиша Аллоҳдан паноҳ сўрайди, Унгагина юкунади, Унинг розилигини топишга интилади. Чунки мўмин киши учун Аллоҳ таолонинг Ўзи кифоядир, буюк яратувчи, қудрат ва ҳикмат эгаси Аллоҳ таоло Унинг ваҳдониятига ишонган банда учун етарлидир. Ҳақиқатан, банда ҳамма нарсага қодир Зотдан қўрқсинми ёки ўзи каби ҳамиша Парвардигорига муҳтож бўлган ожиз инсонданми? Аллоҳдан бошқанинг қўлидан нима ҳам келар эди? Аллоҳнинг ҳимоясида турган бандага бошқалар нима зарар ҳам етказа оларди? Лекин залолатдаги мушриклар бу ҳақиқатни тушуниб етмай, ўзлари каби инсонлардан, аллақандай сохта ва ожиз “илоҳ”лардан паноҳ ва ёрдам сўраб юришади. Аллоҳтаоло мўминларни кофир ва золим кимсалардан эмас, фақат Ўзидангина қўрқишга чақиради: «Уларнинг ичида зулм қилувчилар ҳам борки, сизлар улардан ҳўркучангиз, Мендан қўрқингиз!» (Бақара, 150); Сулаймон Дороний шундай деганлар: «Қўрқувдан йироқ бўлган қалблар албатта хароб бўлгусидир». Маъсият-гуноҳлардан қўрқиш - солиҳларнинг иши. Аллоҳдан қўрқиш сиддиқлар ва муваҳҳидларнинг амали. Осийлар Қодири Зулжалолни таниганларида эди, гуноҳларидан эмас, Ҳақ таолонинг ўзидан қўрқардилар.
37. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, унинг учун асло йўлдан оздирувчи бўлмайди. Аллоҳ қудратли, интиқом олувчи эмасми?!
Аллоҳ таолонинг Ўз бандалари учун кўрсатиб қўйган энг тўғри йўли, имон-эътиқод йўли «ҳидоят» деб аталади. У «залолат»нинг зиддидир. Қуръони каримнинг бир неча сураларида Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кишиларнигина ҳидоятга бошлаши зикр қилинади. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитобан: «Сиз хоҳлаган кишингизни ҳидоятга эриштира олмайсиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишига ҳидоят ато қилур», дейди. Ҳидоятга бошлаш ҳам, залолатда қолдириш ҳам Аллоҳ таолонинг изни-ихтиёридадир. У хоҳлаган одамини ҳидоятга бошлайди. Аллоҳ ҳидоятга солган одамни эса ҳеч ким залолатга кетказа олмайди. Чунки Аллоҳ азза ва жалла ҳамма махлуқотидан қудратли, барчанинг устидан ғолиб, Ўзига куфр ва ширк келтирганлардан қаттиқ интиқом олувчи Зотдир.
38. Агар улардан: «Осмонлару Ерни ким яратган?» деб сўрасангиз, албатта «Аллоҳ!» дейишади. Айтинг: «Менга хабар берингларчи, Агар Аллоҳ менга бирор зиённи истаса, ўша сизлар илтижо қилаётган Аллоҳдан бошқа нарсаларингиз Унинг зарарини кетказа олишармиди? Ёки менга бирор марҳаматни ирода қилса, ўшалар Унинг марҳаматини тутиб қолишармиди?». Яна айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир, таваккул қилувчилар Унгагина таваккул қилишади».
Макка мушриклари мантиқсиз бир эътиқодга амал қилишарди. Улар ўзлари сиғиниб юрган бут-санамларнинг, сохта “илоҳ”лар-нинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини, борлиқдаги ҳамма нарсани ёлғиз Аллоҳ яратганига ишонишар эди. Аммо олдин ўтган ота-боболарига тақлид қилиб, ожиз ва нотавон бут-санамларга сиғинишни канда қилишмасди. Агар улардан “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” деб сўралса, “Аллоҳ” деб жавоб беришардию, аммо Аллоҳга имон келтиришга шошилишмас эди.
Уларнинг бу саволга «Аллоҳ яратган» дейишдан бошқа иложлари ҳам йўқ. «Осмонлару Ерни бизнинг сохта “илоҳ”ларимиз яратган» дея олишмайди ҳам, чунки бут-санамлари ҳеч нарсани ярата олмаслигини яхши билишади. Улар «Осмонлару Ер ўзидан-ўзи яралиб қолган» деб ҳам айта олишмайди, чунки заррача ақли бор одам ҳеч қачон осмонлару Ердаги нарсалар ўзидан-ўзи яралиб қолишини даъво қилмайди. Худди шу каби Аллоҳ таоло бир бандасига зарар етказишни истаса, ўша мушриклар сиғиниб юрган тоғутлар ва бутлар ўша зарарни қайтаришга, уни тўсиб қолишга асло қодир бўла олмайди. Ёки Аллоҳ бир бандасига лутфу марҳамат кўрсатишни ирода қилса, бошқа ҳеч бир зот буни тўсиб қолишга қодир эмас! Аллоҳнинг тавҳидига имон келтирган банда учун фақат Аллоҳнинг Ўзи етарлидир, У энг яхши вакилдир, шафоатчидир, Унинг Ўзигина ишончли суянчдир!
39. Айтинг: «Эй қавмим, ўз ҳолингизча амал қилаверинг, мен ҳам амал қилувчиман. Яқинда биласизлар;
Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қиляптики, эй Пайғамбарим, сизга итоатсизлик кўрсатаётган ўша мушрикларга шуни етказингки, улар қандай йўлни танлашмасин, сизга зарар етказиш учун қандай режаларни тузишмасин, Менинг ваҳийларимни инкор қилиш учун нима фитналарни ўйлаб топишмасин, барибир ниятларига ета олишмайди. Улар ҳар қанча чиранишмасин, ҳақ йўлингиздан, динингиздан, ҳидоятдан асло қайтмаслигингизни билдириб қўйинг. Уларнинг қўрқитув ва дўқ-пўписалари сизни ташвишга солмасин, уларнинг қилмишларига яраша жазоланишларига оз қолди. Улар яна шуни билиб олишсинки, ҳозирча амрларимизни инкор қилиб туришаверишсин, аммо уларнинг итоатсизлиги Мен юборган динга ҳеч қандай тўсиқ бўла олмайди. Имондан бебаҳра кимсалар Аллоҳ таолодан ва Унинг охиратдаги жазосидан қўрқмаганлари учун ҳам кўнгилларига ёққан ёмонликларни ва гуноҳ ишларни қилишаверади, бунда ҳеч нарсадан тап тортишмайди. Улар билишмайдики, тез орада Аллоҳнинг жазоси уларни ернинг остидан бўлса ҳам албатта топиб олади.
40. кимга шарманда қиладиган азоб келажагини ва кимга мангу азоб тушажагини».
Эй Пайғамбарим, яна ўша мушрик қавмга айтингки, Аллоҳнинг тавҳид йўлига юрмай, Унга ширк келтирадиган бўлишса, дунё ва охиратда шарманда қиладиган азоб бошларига келади, мангу азоб жойи бўлмиш дўзахга тушишади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан саклангизки, у (дўзах) устида крттиқдил ва ҳаттиҳқўл, Аллоҳга итоатсизлик ҳилмайдиган, буюрилганни қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим, 6). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бирингиз ташаҳҳудни ўқиганидан кейин Аллоҳдан тўрт нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрасин: «Аллоҳим, Сен ила жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, тириклик ва ўликлик фитнасидан ҳамда масиҳ дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман», десин» (Бухорий ва Муслим ривояти).
41. Биз ҳақиқатан сизга Китобни одамлар учун ҳақ билан нозил қилдик. Ким ҳидоятга юрса, фойдаси ўзига, ким залолатга кетса, зарари ўзига. Сиз улар устидан вакил эмассиз.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таоло қиёмат куни бандалар бошига келадиган азоблардан сақланиш йўлини кўрсатиш учун Ўз Китоби Қуръони каримни ҳақ билан нозил қилди. Ушбу Қуръон орқали инсонларга етказилган қонунлар бутун борлиқда жорий қилинган илоҳий қонунларга мувофиқ келади. Бу қонунлар инсонларга юборилган, Пайғамбар алайҳиссалом эса буларни етказувчи ва Аллоҳнинг амрларидан огоҳлантирувчидирлар. Инсонлар ҳақ сари юришадими ёки адашувга кетишадими, бу иккисидан бирини танлаш банда ихтиёридадир ва бу Аллоҳнинг синовидир. Ким бу синовдан ўта олса, ҳидоят йўлига ўтса, бунинг фойдасини ўзи кўради: Аллоҳнинг мукофтига эришади. Ким имтиҳондан ўта олмай, осийлик ва залолат кўчасига кириб кетса, бунинг зарарини ҳам ўзи кўради: Аллоҳнинг ғазаби ва азобига учрайди. Эй Пайғамбарим, умматингиздан айрим кимсаларнинг ҳақ йўлга юзланмаганларига хафа бўлиб кўп куюнаверманг. Сиз уларга ҳар бир қадамини назорат қилувчи қўриқчи қилиб юборилмагансиз, Аллоҳ таоло томонидан юборилган огоҳлантирувчи вакилсиз, элчисиз, холос. Барча инсонлар учун ҳақиқий вакил - қўриқчи Аллоҳ таолонинг Ўзи, Унинг Ўзи бандаларининг ҳамма ҳолатларини кузатиб, тасарруф қилиб, ҳақ йўлга йўллаб туради.
42. Аллоҳ жонларни ўлган вақтида, ўлмаганларини эса уйқу вақтида олади. Ўзи ўлимга ҳукм қилганларини тутиб қолади, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборади. Бунда тафаккур қилувчи қавмлар учун албатта аломатлар бордир.
Тафсир китобларида ёзилишича, ўлим икки хилдир: “катта ўлим”, яъни банданинг Аллоҳ белгилаган ажалига кўра вафот этиши, руҳининг танадан чиқиб, дунёдан кетиши ҳамда “кичик ўлим”, яъни уйқу ҳолатидир. Уйқудаги одам ҳам худди ўлганга ўхшайди, аксарият сезги аъзолари ва ақли вақтинча ишламай туради. Аллоҳ таоло бошқа кўпгина махлуқотлари каби инсонларни ҳам кечалари «вафот эттиради», яъни уйқуга кетказади.
Олимлар уйқуни бежизга кичик ўлимга тенглашмаган. Инсон ҳаёти муайян муддат, яъни белгиланган ажал келгунича шундай давом этади. Ажалидан сўнг эса худди уйқудан уйғотилгани каби қиёмат куни қайта тирилтирилиб, Аллоҳ ҳузурида тўпланади, ҳисоб-китобдан сўнг унинг мангу ҳаёти бошланади. Ушбу оятнинг маънолари ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ёрқин далил бўлиб, дунёдаги барча ишлар ёлғиз У Зотнинг Ўзига боғлиқ эканини билдиради. Жонларни ўлим вақтида ҳам, ухлаган вақтида ҳам оладиган Зот Аллоҳдир. Кимнинг ажали етган бўлса, уйқусидан қайта уйғонмай, кичик вафоти катта вафотга айланиб кетаверади. Ажали етмаганларнинг жонини эса Аллоҳ тутиб қолмай қўйиб юборади, улар белгиланган ажаллари келгунича яшаб юришаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар куни уйқуга ётаётганларида: «Парвардигорим, Сенинг исминг билан ёнимни ерга қўйдим, Сен билан уни кўтараман. Агар жонимни тутиб қолсанг, уни мағфират қилгин, агар уни қўйиб юборадиган бўлсанг, уни солиҳларни муҳофаза этадиган нарса билан муҳофаза қилгин» деган дуони ўқиб, сўнг уйқуга кетар эдилар. Тафаккур қилувчи қавмлар Аллоҳнинг ваҳдониятига далолат қилувчи ушбу ҳолатдан ибратланиб, ўзларини ўнглашади, ёлғиз Аллоҳга имон келтиришади.
43. Балки улар Аллоҳдан ўзга шафоатчиларни тутишгандир? (Эй Муҳаммад): «Ахир улар бирор нарсага эга бўлолмасалар ва англамасалар ҳамми?!» деб айтинг.
Кофир ва мушрик кимсалар кимларига ишониб, ягона ва қудратли, бутун борлиқ ва барча мавжудотнинг ёлғиз яратувчиси Аллоҳ таолога имон келтирмай юришибди? Улар ўзлари ўйлаб топган бут-санамларни, сохта “илоҳ”ларни қиёматда ўзларига ёрдам берувчи, Парвардигорнинг азобидан қутқариб қолувчи шафоатчилар бўлади, дебўйлашяптими? Аллоҳдан бошқаўша шафоатчилари қиёмат куни уларни шафоат қилиб, айбларини оқлаб, азобдан қутқариб қолармикин? Эй Пайғамбарим, агар улар ўзларича: «Қиёмат куни “илоҳ”ларимиз бизни шафоат қиладилар» деб юришган бўлса, уларга шундай деб айтинг: “Эй мушриклар, ўша Аллоҳни қўйиб, ўзингизга шафоатчи қилиб олган бут-санамларингизнинг қўлидан бирор иш келадими? Улар бирор ҳақиқатни англаб, унга ўз муносабатини билдира оладими? Ҳеч қандай куч-қувватга эга бўлолмайдиган, бирор нарсага ақли етмайдиган нарсаларнинг сизларни қиёмат куни шафоат қилишига, Парвардигорингизнинг азобидан қутқариб қолишига ишонасизларми?!” Шафоат қилишга Аллоҳнинг изни билан фақат Аллоҳнинг Расули ҳақлидир.
44. Айтинг: «Барча шафоат фақат Аллоҳникидир. Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги ҳам Уникидир, сўнгра Унгагина қайтариласизлар».
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алай-ҳиссаломга шундай хитоб қилмоқда: эй Пайғамбарим, мушрикларга етказингки, борлиқдаги барча шафоат фақат Аллоҳга хосдир. “Шафоат” сўзи луғатда «ёнини олиш, қўллаб-қувватлаш, ҳомийлик қилиш» маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда Аллоҳ таолодан баъзи имонли, лекин гуноҳкор бандаларнинг гуноҳларидан ўтишни сўраш «шафоат» дейилади. Пайғамбарлар ва солиҳ кишиларнинг (авлиё, уламо ва зоҳидлар) Аллоҳ таоло изни билан шафоат қилишлари ҳақдир, собитдир. Шафоат Аллоҳ таоло томонидан берилган фазлдир. Шафоат Аллоҳ таолонинг изни билангина, У берган изн чегарасидагина бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шафоатлари мўмин ҳолида ўлган осий ва гуноҳкор мусулмонларга бўлажакдир.
Қиёмат куни ҳеч бир зот кофир ва мушрик кимсага ёрдам беролмайди, уни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмайди. Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги ҳам фақат Уникидир. Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот борлиқдаги низомни ўзгартира олмайди, бандаларининг ишлари борасида ҳукм чиқара олмайди. Дунё ва охиратда ягона ҳукмронлик Аллоҳникидир. Сўнгра барча махлуқот - инсонлар, жинлар, бошқа жонзотлар Унинг хузурига қайтарилади. Ўшанда У Ўзининг адли билан барчаларининг қилмишлари ҳақида ҳукм чиқаради: куфри ва ширки билан ўз жонига зулм қилганларни жазолайди, Аллоҳга имон келтириб, Унинг йўлида юрганларни мукофотлайди. Қиёматда содир бўладиган ушбу ҳодисалар ҳам одамларни Аллоҳнинг тавҳидига чақиради, булар ҳам Унинг ваҳдониятига яна бир далилдир.
45. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинганида охиратга имон келтирмайдиганларнинг диллари сиқилиб кетади. Ундан ўзгалар зикр қилинганида улар бирдан шодланиб кетишади.
Ушбу ояти каримада мушриклар олдида Аллоҳ таолонинг исми зикр қилингандаги уларнинг ҳолати баён қилинмоқда. Агар Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинганида, яъни Аллоҳ таоло эслатилиб, Унинг динига чақирилса, охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг юраги сиқилиб, дилгир бўлиб қолади. Чунки улар ўзлари сиғиниб юрган бут-санамларнинг шафоат қилишидан умидвор эдилар. Аммо Аллоҳдан бошқа турли сохта “илоҳ”лар, Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўллар зикр қилинса, улар шодланиб, хурсанд бўлиб кетишади. Мўминлар эса Аллоҳни зикр қилишдан роҳатланадилар, руҳий сакинатга (хотиржамликка) эришадилар. Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир қавм ўтириб, Аллоҳни зикр қилса, уларни фаришталар ўраб олади ва раҳмат қоплайди. Устларига хотиржамлик туширилади. Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридаги фаришталар олдида зикр қилади”, дедилар” (Муслим ривояти).
46. Айтинг: «Аллоҳим, эй осмонлару Ерни яратган Зот, яширин ва ошкорни билувчи Зот! Сен бандаларинг орасида улар ихтилоф қилиб юрган нарсаларда ҳукм қилурсан».
Аллоҳ таоло бу оятда Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга буюриб, у зотни Ўзига илтижо билан қандай дуо қилишни ўргатяпти. Эй Пайғамбарим, шундай деб айтинг: “Эй осмонлару Ерни яратган Зот, пинҳона-яширин нарсаларни ҳам, зоҳиру ошкор нарсаларни ҳам билувчи Зот, Сен бандаларингнинг дунё ҳаётида тортишиб юрган нарсалари, яъни ўлгандан кейин қайта тирилиш, охират ҳисоб-китоби ҳақида қиёмат куни Ўз ҳукмингни чиқарасан”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам бир аъробийнинг (саҳройи кишининг) ёнидан ўтаётиб, унинг намоздан сўнг пичирлаб шундай мазмунда дуо қилаётганини эшитиб қолдилар: “Эй кўзлар кўрмайдиган, ақллар идрок қилолмайдиган, васфчилар етказиб васф эта олмайдиган, ҳеч бир воқеа-ҳодиса ўзгартира билмайдиган, офатлардан қўрқмайдиган, тоғларнинг оғирликларини, денгиз сувларининг ўлчовини, ёмғир томчиларию дарахт япроқларининг сон-саноғини, кеча ва кундуздаги нарсалар ҳисобини билувчи Зот! Осмон юксаклигию Ернинг туби ҳам, денгиз остию тоғнинг қаъри ҳам - ҳеч бир нарса Сендан пинҳон эмас. Умримнинг поёнини унинг энг яхшиси, ишларимнинг охирини уларнинг энг яхшиси қилгин ва Сенга йўлиқажак куним ҳам кунларимнинг энг яхшиси бўлсин!” Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам асҳобларидан бирига ўша одамнинг ёнида қолиб, ибодатини тугатгач уни ҳузурларига олиб боришни топширдилар. Кўп ўтмай аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳозир бўлди. Шунда Пайғамбаримиз ўзларига ҳадя қилинган бир қанча олтинларни унга бердилар ва сўрадилар: “Эй аъробий, қаерликсан?” “Мен Бани Омир ибн Сасаъ қабиласиданман, эй Аллоҳнинг Расули”, деди у. “Бу олтинларни сенга нима учун берганимни биласанми?” дедилар Расули акрам. “Эй Аллоҳнинг Расули, орамиздаги биродарлик ришталари янада мустаҳкамланиши учун бергандирсиз?” “Шубҳасиз, биродарлик ҳаққи буюк. Аммо мен бу олтинларни Аллоҳ таолога гўзал дуо қилганинг учун бердим”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”.
47. Агар золим кимсалар Ер юзидаги бор нарса ва яна шунча нарса бўлганида, аниқки, қиёмат куни азобининг бадалига уни тўлаб юборишарди. Уларга Аллоҳ томонидан хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалари намоён бўлур.
Кофир ва мушрик кимсаларнинг оқибати аянчли, ўйлаганлари сароб, улар Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилишгани учун дунё ва охиратда фақат зарар кўришади. Уларнинг дунёда кибрга бориб ўзини баланд олиши, ҳеч кимга сўз бермай талашиб-тортишиши, ўзи ишонган нарсаларни ҳақ санаб, хотиржам юриши мўминларни алдаб қўймасин. Куфр ва ширк эгалари Аллоҳнинг номи зикр қилинганда юраклари сиқилиб, Аллоҳдан ўзга «илоҳ»ларининг номини эшитганда хурсанд бўлишгани билан қиёмат куни ўзлари хор, ҳоллари абгор бўлади. Мақтаниш ва кибрларидан асар ҳам қолмайди. Қиёмат қойим бўлиб, ўзлари инкор қилиб юрган аламли азоб бошларига келганида бундан қутулиш учун Ер юзидаги ҳамма нарсани, ҳатто унга қўшиб яна шунча нарсани беришга тайёр турадилар. Аммо энди бу бадалларининг кимга ҳам кераги бор? Қиёмат кунининг ягона Қозиси пора ҳам, бадал ҳам олмайди, У ўзгага муҳтож ҳам эмас. У энди кофир ва мушрикларни дунёда қилган амаллари учун жазолайди, холос. Ўша Кунда ҳеч қандай тўлов ҳам осийларнинг азобини енгиллата олмайди. Кофир ва мушриклар итоатсизликлари учун ўзлари ўйлаб тополмайдиган, хаёлларига келтирмаган, тушларида ҳам кўрмаган турли-туман азоб-уқубатларга гирифтор бўлишади.
48. Яна уларга ўз қилмишларининг ёмонлиги аён бўлади ва масхара қилиб юрган нарса ўзларини ўраб олади.
Кофир ва мушрик кимсаларга қиёмат куни қилмишларининг ёмонлиги эвазига бериладиган азоблар очиқ-ойдин намоён бўлади. Шу билан бирга, уларни бу дунёда ўзлари масхаралаб юрган охират азоби ўраб олади. Бугун улар дунё ҳаётида қиёматга, унда ўзлари каби кофир ва мушрикларга турли азоблар берилишига ишонмай, бу азоб ҳақидаги огоҳлантиришларни масхара қилиб юришибди. Аммо эртага - қиёмат куни уларни айнан ўзлари масхара қилган азоблар ўраб олади. Уламолар Аллоҳ таолонинг ушбу ояти тафсирида шундай дейишган: «Улар дунёда айрим амалларни қилиб, улар-ни “яхши иш” деб ўйлаб юришарди. Қиёмат куни эса, бу амалларнинг ёмон экани маълум бўлиб қолди».
Айрим салафи солиҳлар бу оятни ўқиган вақтларида: «Риёкорларга вайл бўлсин», дейишарди. Риёкорлар қиёмат куни тўртта ном билан чақирилади ва унга: «Эй риёкор, эй хиёнаткор, эй фожир, эй зиёнкор, боравер, ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ», дейилади. Ҳасан Басрий айтганки: «Риёкор ўзи ҳақидаги Аллоҳнинг тақдиридан ғолиб бўлишни хоҳлайди. У ўзини «солиҳ» деб аташларини истайди. Уни қандай қилиб солиҳ десинлар, ҳолбуки, у Парвардигори томонидан тубан ўринга тушиб қолган бўлса. Мўминларнинг қалблари уни таниб, ажратиб олишлари шарт». Қатода розияллоҳу анҳу эса шундай дейди: «Агар банда риё қилса, Аллоҳ: «Бандам Мени қандай масхара қилаётганини қаранглар», дейди.
49. Инсонга бирор мусибат етганида Бизга илтижо қилади. Сўнгра унга Ўзимиздан неъмат берсак, у: «Бу шубҳасиз менга илмим туфайли берилди», дейди. Аслида у синовдир, лекин уларнинг кўплари билишмайди.
Ширкка ботган инсон бошига бирор мусибат тушса, машаққатга учраса, бало-офатга рўбарў келса, олдин сиғиниб юрган сохта “илоҳ”ларига эмас, Аллоҳ таолога ёлворади. Чунки у бу бало-мусибатларни Аллоҳ юборганига ишонади. Оғир мусибат вақтида унинг манманлиги ва такаббурлиги ҳам қолмайди, фитрати - асл табиати очилади. Инсон фитратида эса Аллоҳ таолонинг ваҳдониятини тан олиш хусусияти бор. Шу боис, қанчалик кофир ва мушрик бўлмасин, ҳар қандай инсон бошига мусибат тушиб, зарарга юз тутса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига ёлборади. Кейин Аллоҳ унинг мусибатини аритиб, Ўз неъматларини берса, дарров ношукрликка ўтади, “Булар менинг илмим ва ҳаракатларим туфайли қўлга кирди” деб ўзини мақташга тушади. Аслида буларнинг ҳаммаси Парвардигорнинг синовидир: У Зот бандаларини неъматидан қисиб ҳам, неъматини мўл-кўл қилиб бериб ҳам имтиҳондан ўтказади. Аммо инсонларнинг кўплари бу илоҳий синовни билмай, адашиб кетишади. Уламолар шундай дейишади: «Агар Аллоҳ таоло гуноҳ қилишга муккасидан кетган бандасига ўзи севган нарсаларини бераётганини кўрсанг, билгинки, бу У Зот тарафидан бир макр-синовдир». Ҳасан Басрий: «Аллоҳ кимнинг ризқини кенг қилиб қўйган бўлса-ю, «Аллоҳ менга макр қиляпти» деб билмас экан, у ақлсиздир. Кимга ризқини қатра-қатра қилиб тор қилиб қўйган бўлса-ю, «Аллоҳ менга қараб турибди» деб билмас экан, у ҳам ақлсиздир», деди ва сўнг: «Ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида уларни тўсатдан ушладик. Шунда бутунлай ноумид - мублис бўлишди» (Анъом, 44) оятини ўқиди. Яна Ҳасан Басрий айтади: «Каъбанинг Парвардигорига қасамки, қавмга макр қилиши уларга ҳожатларини бериши ва сўнг уларни азоб билан ушлашидир».
50. Буларни улардан олдингилар ҳам айтишган эди, лекин бу қилмишлари ўзларига асқотмади.
Ўша мушриклардан олдин ўтганлар ҳам уларнинг гапларини айтишган, яъни бошларига бало-мусибат келганида Парвардигорларига ёлбориб қолишган. У Зот неъматларини берганида эса “Буларнинг барига ўз иқтидорим билан эришганман” деб, ношукрликка ўтишган. Аллоҳнинг лутфи-инояти билан қўлига катта мол-дунё тушиб қолган ёки баланд мартабага эришган инсон буларни ўзига ким берганини тезда унутади. Уларни гўё ўз илми, елиб-югуриши ёки интилиш-ҳаракатлари билан қўлга киритгандай дарров туғёнга кетади. Олдингилардан шундайлар зикр қилинганида уламолар бойлиги туфайли туғёнга кетиб, Аллоҳнинг қаттиқ азобига учраган Қорунни мисол келтиришади. Дунёдаги барча мол-дунё эгалари каби Қорун ҳам бойлигига маҳлиё бўлиб, бунга ана шундай назар билан қарар эди. “Бу мол-мулклар менга илмим туфайли берилди, мен ўзимдаги қобилиятни, илмни ишга солиб, мол топдим, энди қандай қилиб сарфлашни ҳам ўзим биламан”, деб ўйлар эди. Имони, дини бўлмаган барча бойларнинг ҳам худди Қорун каби фикр юритишлари аниқ. Шунинг учун улар туғёнга кетиб, такаббурлик қилишади. Бойликларига маст бўлиб, Ерда бузғунчилик қилишга ўтишади.
51. Шунда уларга қилмишларининг ёмонликлари мусибат бўлди. Анавиларнинг золимларига ҳам қилган ёмонликлари тезда мусибат бўлади, улар қочиб қутула олмайдилар.
Ана шундай такаббурлик билан дунёдан кеккайганча ўтган, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиб, икки дунё саодатини бой берган кофир ва мушриклар учун уларнинг бу ёмонликлари ўзлари учун катта мусибат бўлади. «Анавилар»дан мурод, Қурайш қабиласининг мушрикларидир. Яъни, Аллоҳ таоло уларни азоблаш учун қавмга очарчилик балосини юборди, улар етти йиллик қаҳатчилик машаққатига мубтало бўлишди. Худди шу каби тавҳидга кўнмай, куфр ва ширк ботқоғига ботганларга, ҳақ йўлдаги мўминларга зулм кўрсатиб, уларга тазйиқ ўтказаётганларга, гуноҳлар денгизига ғарқ бўлган эсада, тавба қилишни ўйламаётганларга ана шу ёмон қилмишлари учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоблар бўлади. Бирор кимса Аллоҳнинг азобидан қутулиб қолишга қодир эмас.
52. Ахир улар Аллоҳ хоҳлаганига ризқни кенг ва танг қилишини билишмасмиди? Имон келтирувчилар учун бунда албатта аломатлар бордир.
Ризқ масаласи ҳеч бир бандага боғлиқ бўлмаган, фақат Аллоҳнинг ваҳдониятига тегишли ишлардандир. Аллоҳ азза ва жалла фақат Ўзига аён бўлган ҳикматга кўра бир бандасига кенгу мўл ризқ беради, уни ҳеч нарсадан қисмайди. Бошқа бир бандасининг ризқини тангу тор қилиб қўйиб, турмушда хийла машаққатга солади. Бу кенг ризқ ато қилинган инсоннинг Аллоҳга севимли эканини ёки ризқи танг инсоннинг Аллоҳнинг ғазабига учраганини англатмайди. Қанча ризқ бериш Аллоҳнинг бир синовидир.
Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи борлиқни яратган, Унинг Ўзи бандаларига ризқ беради. Имон келтирган бандалар Аллоҳнинг ризқ масаласидаги ҳикматларини тўғри англаб, бу илоҳий бир синов эканига имон келтиришлари лозим.
53. (Эй Муҳаммад, Менинг номимдан) айтинг: «Эй ўз жонларига зулм қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Аллоҳ барча гуноҳларни албатта кечиради. Зеро, У албатта кечирувчидир, раҳмлидир».
Яъни, Аллоҳ таоло севимли Пайғамбарига буюряптики, Менинг номимдан бандаларимга шуларни айтинг: “Эй гуноҳ қилишда ҳаддан ошган ва ўз жонига зулм-жабр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан асло ноумид бўлманглар, У барча гуноҳларни кечиради, чунки Парвардигорингиз мағфират қилувчи, бандаларига раҳмли Зотдир”.
Ушбу ояти каримада бандалар учун энг улуғ башорат борлиги учун муфассирлар уни Қуръондаги энгумид бағишловчи оят деб ҳисоблашган. Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, кўп гуноҳ қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда гўзал. Қани, айтчи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» деб сўрашганида, Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган экан (Бухорий ривояти).
Шу ўринда нозик бир нуқтага эътибор бериш керак: Аллоҳ таолонинг барча гуноҳларни кечириши гуноҳ ишларни қилаверишга ташвиқ эмас, балки билмай қилинган гуноҳлар учун тавбага шошилиш ва олдин қилинган гуноҳларнинг мағфират қилинишидан умид узмасликка чорлаш маъносидадир. Демак, банда билмаган ҳолда бир гуноҳ ишга қўл урсаю, сўнгра чин дилдан истиғфор айтиб, тавба қилса, ўша ишни қайта қилмасликка азму қарор этса, гарчи унинг гуноҳи денгиз кўпигича кўп бўлса ҳам Аллоҳ таоло ўша бандасининг гуноҳини Ўз раҳмати билан кечириб юборади. Савбон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: “Дунё ва ундаги ҳамма нарсадан менга шу оят афзалдир” (Аҳмад ривояти). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ушбу оят Қуръони каримдаги энгумидбахш оятдир”, деган.У киши одамларга ваъз-насиҳат қилаётган кишини кўрганида унга: “Бандаларни ҳеч қачон Аллоҳнинг раҳ-матидан ноумид этма!” деб, ушбу оятни тиловат қилган.
Ибн Аббос айтади: “Бу оят Макка аҳли ҳақида нозил бўлган. Улар: “Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) айтишича, ким бутларга ибодат қилса ва Аллоҳ қонини тўкишни ҳаром қилган жонни ўлдирса, ўша одам кечирилмас эмиш. Биз Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга ҳам ибодат қилдик. Аллоҳ қонини ҳаром қилган жонни ўлдирдик. Энди қандай қилиб Исломга кирамиз ва ҳижрат қиламиз?” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай ривоят қилади: “Бу оят Иёш ибн Робиъа ва Валид ибн Валид ҳамда бошқа бир қатор кишилар ҳақида нозил бўлган. Улар Исломга киришган эди. Кейин эса фитнага дучор бўлиб машаққат чекишди ва натижада фитналаниб қолишди. Биз: “Аллоҳ уларнинг бирор амалини қабул қилмайди. Чунки улар Исломга кириб, сўнг Ислом сабабли азобланганлари учун динларини тарк қилган қишилардир”, дер эдик. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди”. Демак, бизлар энг аввало, Аллоҳ таолога гуноҳкор бўлмасликка ҳаракат қилишимиз, бордию ногаҳон шундай ҳолат юз бериб қолганида ҳам тезда Парвардигоримизга тавба қилиб, хатоларимизга пушаймон ҳолда истиғфор айтишимиз лозим. Шунда гуноҳлардан фориғ бўлиб, Аллоҳнинг розилигига эришамиз.
54. Сизларга азоб келиб, кейин ёрдам берилмай қолишидан олдин Парвардигорингизга қайтинг ва Унга таслим бўлинг.
Инсон вафот этиши билан унинг учун қиёмат бошланади. Агар у куфр ва ширқца ўтиб, гуноҳига тавба қилмаган бўлса, энди охиратдаги азоб унга нақд бўлиб қолади. Шунинг учун ўлим келмай туриб инсон тавба қилган ҳолда Парвардигорига қайтиши, Унга имон келтириб, яхши амалларни қилиши ва ёмон амаллардан четланиши керак. Аллоҳ таолога буткул таслим бўлиб, ўзини бутунлай Унга топшириши лозим. Бундай одам албатта гуноҳ ишлардан тийилади. Жони кекирдагига келиб, ўлими кўзига кўринганда қилинган тавба асло қабул бўлмайди, сўнгги дамда келтирилган имон фойда бермайди. Бундай кимсалар Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан умид қилишмасин, чунки уларга ҳеч қандай ёрдам берилмайди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен, Иёш ибн Абу Робиъа ва Ҳишом ибн Ос ибн Воил билан бирга ҳижрат қилишга келишиб олдик, Сўнг тарқалаётиб, Бани Ғифор эҳром боғлайдиган мийқотда учрашишга ваъдалашдик. Ким ушланиб қолса, шу ерда қолади, бошқалар кутиб ўтирмай кетаверади, дедик. Мен билан Иёш эрталаб келдик, Ҳишом эса келмади. У балога учраб, фитналаниб қолди. Биз: “Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилмайди, улар Аллоҳ ва Унинг Расулини таниган, кейин эса дунёда етган балолар туфайли динларидан қайтган қавмдир”, дер эдик. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятини «ёки дўзахда мутакаббирлар учун жой йўқмиди?!» сўзигача (Зумар, 60) нозил қилди. Мен бу оятларни ўз қўлим билан ёзиб (уларга) юбордим”. Ҳишом айтади: “Хат менга келиб тушгач, мен уни олиб муюлиш жойга бордимда: “Эй Аллоҳим, буни менга фаҳмлатгин”, дедим. Шунда билдимки, бу оят биз ҳақимизда нозил бўлган. Мен қайтиб туямга ўтирдимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ҳижрат қилиб етиб бордим”.
55. Сизларга ўзингиз сезмаган ҳолда тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин Парвардигорингиздан нозил қилинган гўзал нарсага эргашинглар.
Инсонлар ҳамиша ғафлатдадирлар: гўё қиёмат қойим бўлмайдигандай, ўзлари охират дунёсига кўчмайдигандай, гуноҳлари учун Парвардигор ҳузурида ҳисоб-китоб қилинмайдигандай имон-эътиқод ишларида ҳамиша сусткашлик қилишади. Аллоҳга имон келтиришни пайсалга солишаверади. Улар билишмайдики, ажаллари уларни кутиб турмайди, ўлимларини бир сонияга ҳам кечиктира олишмайди, қиёмат эса уларнинг имонга келишларига муҳлат бериб қўймайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларига хитоб қиляптики, эй инсонлар, қиёмат кутиб турмайди, фурсат борлигида ўзингизни ўнглаб олинглар, эс-ҳушларингизни йиғиб, охират учун амал қилиб қолишга улгуринглар. Жон халқумга келмай туриб, имон келтиринглар, гуноҳларингизга тавба қилинглар. Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашиш ўрнига турли-туман бўлмағур тузум ва таълимотларга қўшилиб, залолатга кетманглар. Қиёмат қойим бўлиб, бошингизга Аллоҳнинг азоблари келмасдан туриб, У Зот сизларни икки дунё саодатига эриштириш учун нозил қилган Китоби - Қуръони каримга эргашинглар, ҳаётингизнинг барча жабҳаларида илоҳий таълимотларга амал қилинглар. Қуръон Аллоҳ бандаларига нозил қилган илоҳий китобларнинг энг гўзалидир. Ушбу гўзал нарсага эргашмай, бошқа нимага ҳам эргашасизлар?!
56. Бирор жон (айтсаки): «Аллоҳ ҳақидаги камчиликларим учун афсуслар бўлсин, ҳақиқатда ҳам мен масхара қилувчилардан бўлган эдим»;
Шундай кимсалар борки, улар дунё ҳаётида ғафлатга ботиб, илоҳий амрлардан бўйин товлашади, шайтонларга эргашиб, ҳидоятдан маҳрум ҳолда ўтиб кетишади. Қиёмат қойим бўлгач, улар дунёда қаттиқ адашганларини билиб қолишади. Қарашса, имонсизликлари, залолатда юрганлари эвазига энди дўзахда абадий азоб чекиш жазоси нақд бўлиб турибди. Энди бу азобдан қутулишнинг асло иложи йўқ. Дунё ҳаётида ишониб юрганлари, ёрдамидан умид қилганлари ҳозир қаёққадир ғойиб бўлган. Шунда мушрик кимса дўзах посбонларига ёлбора бошлайди: “Аллоҳга ишонмаганим, Унинг ваҳийларини ёлғонга чиқарганим, Аллоҳга турли сохта “илоҳ”ларни, шериклар ва фарзандларни нисбат бериш билан У Зотни масхара қилганим учун қаттиқ афсусдаман. Гуноҳларимга иқрорман, мени дунё ҳаётига қайтарсаю, Аллоҳ буюрганидай яшаб, Унинг амр-фармонларини бажарсам, қайтарган ишларини қилмасам, Унга имон келтириб, жаннатига мушарраф бўлсам” деган орзуларни қилади. Аммо энди кеч: қиёмат келди, тавба эшиклари ёпилган, надоматлар фойда бермайди. Ҳукмлар ўқилиб, фармонларнинг сиёҳи қуриган. Дунё ҳаётида ўзига келган неъмат ва имконларга маҳлиё бўлиб Аллоҳни унутганида, Унинг Китобини ёлғонга чиқарганида, Пайғамбарини масхара қилганида бу ҳақда бош қотириши керак эди. Энди дўзахда абадий азобланишдан бошқа илож йўқ!
57. ёки: «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида албатта тақводорлардан бўлар эдим»;
Қиёмат куни Аллоҳнинг азобидан қутулиб қолиш, Унинг мағфиратидан фойдаланиб, раҳматига эришиш учун кўз тикканларнинг афсус-надоматлари асло фойда бермайди. Улар қилмишларидан уялиб, “Қанийди, бизларни ҳам Аллоҳ дунёда ҳидоят қилган бўлганида биз ҳам тақводорлардан бўлиб, Унинг марҳаматига эришган бўлардик”, деб нола чекишади. Аллоҳ таоло дунёда уларни ҳидоятга бошлаш учун Китоби Қуръони каримни нозил қилган эди, залолатда қолиб кетмасликлари учун Пайғамбарини юбориб, у зотга эргашишни буюрган эди. Бу ғофил кимсалар нега ўшанда бу имкониятлардан фойдаланишмади? Нега Қуръонга ва Пайғамбарга эргашишмади? Нега Аллоҳга имон келтириб, икки дунё саодати-га эришишмади? Бунинг ўрнига бу нодонлар Аллоҳга турли сохта “илоҳ”ларни, бут-санамларни шерик қилишди. Унинг тоат-ибодатида бўлишмади, ҳатто охирзамон Пайғамбарига ҳам эргашишмади. Энди эса ана шу жоҳилликлари эвазига дўзах азобини тотишлари муқаррар бўлиб турибди. Энди ҳеч ким уларнинг жонига ора кирмайди, афсусларини эшитмайди, ҳатто заррача ёрдам берай демайди. Имонсизликнинг, мушрикликнинг риёкорликнинг, мутакаб-бирликнинг аянчли оқибати ана шундай бўлади!
58. ёки азобни кўрган чоғида: «Қанийди, мен яна бир марта ортга қайтганимда яхши амал қилувчилардан бўлар эдим».
Гуноҳкор кимсалар қиёмат куни яна ёруғ дунёга қайтишни орзу қилиб қолишади. Агар дунёда юрганимизда Аллоҳ ҳидоятга бошлаганида албатта тақводорлардан бўлардик, деган иддаоларни қилишади. Аммо уларнинг бу сафсаталарига энди ҳеч ким ишонмайди. Уларга дунёда “Аллоҳга тавба қилинг, Унга бутунлай таслим бўлинг ва У Зот нозил қилган Қуръонга ва Аллоҳнинг элчиси бўлмиш Пайғамбарга эргашинг” дейилганида бу ҳақда ҳатто эшитишни ҳам исташмади. Кўзларини кўр, қулоқларини кар, тилларини гунг қилиб олиб, ваҳийлардан бош тортишди. Фурсат борлигида тавба қилиб, Аллоҳга қайтганларида, комил мусулмон бўлиб, Қуръонни ҳаёт дастури қилиб олганларида азобдан қутулиб қолган бўлишарди. Ҳозирги ҳолатларига ўхшаб, “Қанийди Аллоҳ дунёга яна бир марта қайтарганида энди мен ҳам яхши амаллар қилган, Парвардигоримга итоат ва ибодатда бўлардим” деб афсус-надоматлар қилиб юрмаган бўлишар эди.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримаси орқали ана шундай надоматда қолган кимсаларни огоҳлантириб айтяптики, эй бандаларим, Менинг оятларим сизларга ўз вақтида етиб келган эди, Пайғамбарим сизларга ҳидоят йўлини кўрсатган эди. Сизлар эса кибрга бориб, уларга ишонмадинглар, улардан бош тортдинглар, оқибатда кофир ҳолингизда ўлим топдинглар. Энди дунё ҳаётидаги ғофилликларингиз учун афсус чекишдан фойда йўқ. «Ҳақиқатда ҳам масхара қилувчилардан бўлган эдим» демасингиздан олдин тавба қилиб, мусулмон бўлинг, Қуръонга эргашинг. Яна эртага бошингизга азоб келганида: «Тўғрисини эътироф этай, мен «вақтида тавба қилгин» деганларни масхаралаган эдим» деб надоматда қолманг. Аллоҳ кўрсатган ҳидоят йўлига юрмаганингиз учун ўзингизни койиб, ўзингиздан ўпкалаб юрманг. У пайтда қилган надоматингиз, ўзингизни койишингиз, маломат қилишингиз асло фойда бермайди.
59. “Йўқ, сенга оятларим келганида уларни ёлғонга чиқардинг, кибрга бориб, кофирлардан бўлдинг!”
Фурсати ўтганидан кейин тавба ва надомат қилишнинг асло фойдаси йўқ. Аллоҳ таоло ҳидоятга бошловчи Қуръони каримни нозил қилиб қўйган бўлса, инсонларга нажот йўлини кўрсатувчи, имонли ва тақволи кишиларга охиратдаги улкан мукофотлар ҳақида башорат берувчи, имонсиз ва мушрик кимсаларни абадий азобдан огоҳлантирувчи Пайғамбарини юборган бўлса-да, жуда кўп кимсалар буларга эргашишни истамади, ҳидоят йўлидан юришни рад этди. Бунинг ўрнига улар Аллоҳ таолонинг оятларини ёлғонга чиқаришди, Пайғамбарни масхара қилишгача боришди. Сохта ғурур ва кибрга бориб, илоҳий ваҳийларга куфр келтиришди. Энди қиёмат келганида уларнинг баҳона ва ҳийлалари ишла-майди, улар айтаётган гапларнинг, сабаб-баҳоналарнинг бари ёлғон! Улар бу гапларни Аллоҳнинг даҳшатли азобларини кўргандан кейин, дўппилари тор келиб қолганидан сўнг айтишмоқда. Агар уларнинг ниятлари тўғри бўлганида дунё ҳаётида Парвар-дигорлари берган имкониятдан унумли фойдаланиб, охират учун тайёргарлик кўрган бўлишарди. Агар уларда озгина инсоф бўлганида Аллоҳнинг ваҳийларини ёлғонга чиқариш ўрнига уларга имон келтириб, эргашган бўлишарди. Агар улар кибрларидан воз кеча олишганида имон келтирган, кофирлик балосидан қутулган бўлишарди. Аммо бундай ғофил кимсалар Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқариш билан мутакаббирлик қилишди ва кофирлардан бўлишди. Охиратда эса абадий азоб-қийноқларга гирифтор бўлишади.
60. Қиёмат куни Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаганларни юзлари қоп-қора ҳолда кўрасиз. Ёки дўзахда мутакаббирлар учун жой йўқмиди?!
“Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаганлар” дунё ҳаётида Аллоҳ таоло ҳақида ёлғон гапларни гапириб, У Зотни йўқ деган, Унинг шериги бор, фарзанди бор деб гумон қилган, Аллоҳни турли нолойиқ сифатлар билан сифатлаб, Унинг тавҳидини инкор қилиб юрган кимсалардир. Уларнинг қиёмат кунидаги аҳволини, аянчли оқибат қаршисида ёлғиз ва ҳимоясиз қолиб, атрофга жавдираб қолган пайт-ларини бир кўрсангиз эди! Ўзлари дуч келиб турган оғир қисмат ва олдиндаги қийноқ-азобларнинг кўплиги ва даҳшатидан уларнинг юзлари қоп-қорайиб, ўзлари ҳам “юзи қаро”ларга айланиб кетишади. Улар азобнинг қаттиқлигидан, дўзах оловининг шиддатидан ва атрофидаги одамлар олдидаги шармандаликдан ҳам юзлари қорайиб кетади. Бундай ҳолга тушишларига ўзларидаги кибр ва итоатсизлик сабабчидир. Улар дунё ҳаётидаги мутакаббирликлари туфайли Парвардигорларини танишмади, имонга келишмади. Пайғамбарга ва унга нозил қилинган Қуръонга эргашишдан бош тортишди. Ана шундай кибрли ва осий кимсаларнинг жойи албатта дўзаҳдадир.
61. Аллоҳ тақво қилганларни ютуқлари туфайли қутқаради. Уларга бирор ёмонлик ҳам етмайди, улар хафа ҳам бўлишмайди.
Ояти каримадаги “мафаза” сўзи “хавфсиз, бехавотир, ишончли жоймаскан” маъносини ҳам, “қўлга киритилган зафар-ютуқ, истакларнинг рўёбга чиқиши” маъносини ҳам билдиради. Аллоҳ таоло фақат Ўзидан қўрққан, амрларига бўйсуниб, қайтарган нарсаларидан четланган тақволи бандаларини дунёда итоат-ибодатда қўлга киритган ютуқлари туфайли Ўзининг ғазаби ва азобидан қутқариб, нажот беради. Бундай саодатманд инсонларга қиёмат куни бирор хавф-хатар ҳам, ёмонлик ҳам етмайди. Улар оқибатларидан ғамга ботиб, хафа ҳам бўлишмайди.
62. Аллоҳ ҳамма нарсанинг яратувчисидир ва У ҳамма нарсага вакилдир.
Айрим нодон кимсаларнинг даъвосига қарши ўлароқ, Аллоҳ таоло борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчисидир. Еру осмонларни ҳам, беҳисоб махлуқотларни ҳам, уммон ва тоғларни ҳам, сайёра ва юлдузларни ҳам, дунёда нимаики нарса бўлса - ҳамма-ҳаммасини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. Ундан бошқа ҳеч бир яратувчи йўқ. Шунинг учун дунёдаги ҳамма ишлар ҳам, охират ишлари ҳам ёлғиз Унинг ихтиёридадир. У ҳамма нарсага вакил, ҳомийдир. Дарахтдаги бирор япроқ Унинг изнисиз узилиб тушмайди, осмондаги бирор юлдуз Унинг амрисиз учмайди. Борлиқдаги ҳамма нарсанингтадбирини фақат Унинг Ўзи қилади. Булар ҳам Аллоҳнинг тавҳидига энг ёрқин далиллардандир.
63. Осмонлару Ернинг калитлари Ундадир. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлар - ана ўшаларгина зиён кўрувчилардир.
Муфассирлар ояти каримадаги “Осмонлар ва Ернинг калити Ундадир” жумласини борлиқдаги ҳамма нарсанинг тасарруфи, бошқаруви Унинг измидадир” деб тафсир қилишган. Яъни, Аллоҳ таоло осмонлар ва Ердаги ҳамма нарсанинг тасарруфини қилади, қандай хоҳласа, шундай бошқаради. Аллоҳ таоло осмонлару Ерда хоҳлаган ишини қилади. Осмонлару Ер фақат ёлғиз ҳукмдор Аллоҳ таологагина бўйсунади. Ундан бошқа ҳеч бир зот бу ишга аралаша олмайди. Чунки ҳамма нарсанинг калити ёлғиз Ундадир. Ҳамма нарсанинг эгаси бўлган Зот қиёматни ҳам ёлғиз Ўзи қойим қилади. Бандаларини Ўзи ҳисобга тортиб, мўминларни мукофотлайди, кофир ва мушрикларни жазолайди. Аллоҳ таолонинг оятларини инкор қилиб, куфр ва ширкда ўтганлар Аллоҳга имон келтирмаганлари, Унга турли сохта “илоҳ”ларни шерик қилганлари учун икки марта зиён кўришади: дунёда хорлик ва шармандаликда ўтишса, охиратда Аллоҳнинг аламли ва давомий азобини тотишади.
64. (Эй Муҳаммад): «Сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрасизларми, эй нодонлар?!» деб айтинг.
Нима, Аллоҳнинг икки дунё саодатига элтувчи абадий мукофоти турганида Пайғамбар алайҳиссалом мушрикларнинг таклифига кўра уларнинг сохта “илоҳ”ларига сиғинишлари керакмиди? Ҳақиқатан Макка мушриклари Пайғамбаримиз Муҳаммад алай-ҳиссаломга шундай таклифни айтишган: у зотнинг ҳузурларига келиб, «Биз ҳам сенинг илоҳингга ибодат қилайлик, сен ҳам бизнинг худоларимизга ибодат қил», дейишган. Бу ояти карима ана шу таклифга жавобан нозил бўлган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга мол-дунё бериш мақсадида олдиларига чақириб, “Маккадаги энг бой киши бўласан, хоҳлаган аёлингга уйланасан. Буларнинг ҳаммаси сен учун, эй Муҳаммад. Фақат илоҳларимизни сўкишдан, бизни ёмонлик билан эслашдан тийиласан. Агар бундай қилмасанг, унда бир йил бизнинг илоҳларимизга ибодат қиласан”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Парвардигоримдан нима келишини кутаман” деганларида, “Қул я айюҳал кафирун” сураси тўлалигача ва Зумар сурасининг 64-ояти нозил бўлди” (Табароний ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга эргашган мўминлар якка Аллоҳга ибодат қилишса, кофирлар бут-санам, башар, фаришта, юлдуз ёки шунга ўхшаш ботил нарсаларга ибодат қилувчилардир. Мўминлар Аллоҳ таолога холис, тазарруъ билан, У кўрсатган, рози бўлган ҳолда ибодат қилишади. Кофирлар эса бут-санамларга ўзлари хоҳлаган ҳолда, турли шаклларга сиғинишади. Аллоҳ таоло ҳузуридаги ҳақ ва мақбул дин Ислом, яъни Аллоҳга холис ибодат қилишдир, тавҳиддир. Аммо тавҳид асосига зид бўлган куфрнинг ҳаммаси тавҳиднинг аслидан узилган эътиқодда муштаракдир.
65. Дарҳақиқат, сизга ва сиздан олдингиларга ҳам ваҳий қилинганди: «Агар ширк келтирсанг, амалинг албатта беҳуда кетади ва албатта зиён кўрувчилардан бўлурсан;
Яъни, эй Пайғамбарим, сизга ваҳий қилингани каби сиздан олдинги инсонларга ҳам шундай ваҳий қилинган эди: “Агар ширк келтирсанглар, қилган бутун амалларингиз беҳуда кетади ва охиратда фақат зиён кўрувчилардан бўлиб қоласизлар”. Ким Аллоҳга имон келтириб, мўмин ҳолида вафот этса, гарчи дўзахда гуноҳига яраша азоблансада аниқ жаннатга кирганидек, Аллоҳга ширк келтириб мушрик ҳолида ўлган кимса шак-шубҳасиз дўзахийдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ таоло: «Мен шерикларнинг ширкдан беҳожатроғиман. Ким Мен учун бирон амални қилса, ўша амалида бошқани Менга шерик қилса, Мен ундан беҳожатман. У ўша «шерик» учундир», деди» (Ибн Можа ривояти).
66. балки Аллоҳгагина ибодат қил ва шукр этувчилардан бўл!».
Яъни, эй Пайғамбарим, мушрикларнинг таклифларига қулоқ солманг, уларнинг ҳийлаларига учманг, фақат Аллоҳга ибодат қилишингизни уларга айтинг. Аллоҳ таоло сизни имон билан шарафлагани учун Унга шукр қилувчи шокир зотлардан бўлинг. Аллоҳга шукр этувчи бўлишнинг боши Аллоҳнинг тавҳидига амал қилиш ва Унга ширк келтирмасликдир. Ҳар бир инсон ўзининг имони, бандалиги, куч-қуввати, соғ-омонлиги, бойлиги ва мансаби, ато этилган барча неъматлар Аллоҳдан эканини билиб, иқрор бўлиши қалбининг шукридир. Шукрнинг бу тури барчага фарздир. Ҳамиша Аллоҳдан миннатдор бўлиш, Унга ҳамду санолар айтиш тил шукридир. Тоат-ибодатда давомли бўлиш, солиҳ амаллар қилиш, гуноҳлардан сақланиш амалий шукрдир. Инсонларнингўзаро муносабатидаги шукр яхшиликларни ёқлаш, эзгу ишларда амалий ёрдам кўрсатиш билан адо этилади. Шукрнинг миқёси - қаноат, тежамкорлик, розилик ва мамнуниятдир. Шукрнинг акси ношукрлик, яъни куфрони неъматдир.
67. Улар Аллоҳни Ўзига муносиб равишда қадрлашмади. Ҳолбуки, қиёмат куни бутун Ер Унинг “қабзаси”дадир. Осмонлар эса Унинг “қўли”га йиғилувчидир. У уларнинг ширк келтираётган нарсаларидан пок ва олийдир.
Яъни, мушриклар Аллоҳни Унинг шаънига, кибриёсига муносиб равишда танишмади, Унинг буюклигига яраша таъзим қилишмади. Бу дунёда Аллоҳга ширк келтирганлар Унинг қандайин қудратли Зот эканини ҳам тушуниб етишмади. Уларнинг Аллоҳ таолонинг ёлгиз Ўзига юкунмай, аллақаёқдаги сохта “илоҳ”ларга сиғинаётганлари, Унга ширк келтираётганлари ана шу фикрни тасдиқлаб турибди. Улар Аллоҳнинг ваҳдониятини ҳам, Аллоҳнинг улуғлигини ҳам, Унинг ҳамма нарсага қодирлигини ҳам идрок қилишмади. Агар буни англаб етишганида дарҳол Унга имон келтирган, Унга ҳеч бир нарсани шерик қилмаган бўлишарди.
Одатда нарсани бир қўлнинг кафтига тўплаб ушлаш «сиқим» дейилади. Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла Ерни бутунисича “қабзаси”га олади, осмонлар эса Унинг “қўли”га ўралиб қолади. Аммо Аллоҳ таолонинг васфини одамларга хос сифатларга ўхшатиш асло мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло ўхшаши йўқ Зотдир. Шунинг учун ҳам салафи солиҳ уламоларимиз «Аллоҳ таолонинг Китобдаги васфлари тиловат қилинади, аммо шарҳланмайди», дейишган. Бундай васфлар одатда инсоннинг Аллоҳ таоло қудратини тасаввур этиши учун келтирилади. Аллоҳтаоло мушриклар даъво қилаётган, Унга шерик деб келтираётган барча нарсалардан покдир, устундир. У Зотнинг ҳеч бир шериги йўқ. Аллоҳ таоло мушриклар Унга шерик деб келтираётган барча нарсалардан олийдир, Унга ҳеч бир нарса тенглаша олмайди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳли китоблардан бир киши келиб: “Эй Абул Қосим, Аллоҳтаоло дарҳақиқат халқларни бир бармоқда, Ерни бир бармоқда, дарахтларни бир бармоқда, бойликларни бир бармоқда кўтариб туради. Бу хабар сенга етгандир?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто озиқтишлари ҳам кўринди. Кейин Аллоҳтаоло ушбу оятни нозил қилди”.
68. Сур чалинганида осмонлару Ерда ким бўлса, бехуш йиқилди. Аллоҳ хоҳлаганларгина мустасно. Сўнгра у яна бир бор чалинганида улар баногоҳ туриб, қараб туришади.
Аллоҳ таолонинг амри билан Исрофил алайҳиссалом қиёмат келганидан хабар берувчи сурни биринчи чалганида осмонлару Ерда бўлган жамики махлуқот бехуш ҳолда йиқилади. Сурга биринчи пуфлаш «саъқ пуфлаши» дейилиб, бу ибора одатда чақмоқ уриб-йиқилиб ўлганга қўлланади. Яъни, сур чалинганда осмонлару Ердаги барча жонзот худди чақмоқ ургандай бирдан йиқилиб ўлади. Фақат Аллоҳ хоҳлаган зотларгина тирик қолишади. Тафсирларда зикр қилинишича, биринчи сур чалинганда фақат тўрт улуғ фаришта - Жаброил, Микоил, Исрофил, Азроил алайҳимассалом, Аршни кўтариб туришга вакил қилинган фаришталар, жаннат ходимлари ва ундаги охукўз ҳурларгина беҳуш бўлмай, тирик қолишади. Исрофил алайҳиссалом сурни иккинчи бор чалганида беҳуш йиқилган барча халойиқ тирилиб, ўрнидан туради ва кейин нима бўлиши борасидаги Парвардигор амрини кутиб, интизор қараб туради.
69. Ер Парвардигорининг нури билан ёришади, китоб қўйилади, пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилади. Уларнинг ўрталарида зулм қилинмаган ҳолда ҳаққоний ҳукм чиқарилади.
Ушбу ояти каримада қиёмат қойим бўлгач, сур учинчи бор чалинганидан кейинги манзаралар баён этилмоқда. Осмонлар ва Ернинг ҳолати ўзгариб, бутунлай бошқа кўринишга ўтади. Ер юзидаги адолатсизлик, тенгсизлик, зулмат ва ёвузликларнинг излари тамоман ғойиб бўлади. Фақат биттагина нур, Аллоҳнинг қудрати билан бутун борлиқни ёритиб турувчи илоҳий нур бўлади. Алдов, ёлғон ва иккиюзламачиликларнинг бари барҳам топади. Ҳамма нарса буткул янгича кўринишга ўтади. Ҳамма ҳашр майдонига тўпланади. Ана шунда бандаларнинг амаллари битилган китоблари - номаи аъмоллари келтириб қўйилади. Аллоҳнинг буюк ҳисоб-китоби бошланади. Аллоҳнинг инсониятга юборган барча пайғамбарлари Аллоҳнинг амрини етказганларини тасдиқлаш учун ҳозир қилинадилар. Гувоҳлар, яъни бандаларнинг ишларига шоҳид бўлган, уларнинг ҳар бир амалини ёзишга вакил қилинган котиб фаришталар ҳам шу ерга чақирилади. Ҳеч кимга заррача ҳақсизлик, адолатсизлик қилинмаган ҳолда ҳаммага ҳаққоний ҳукм чиқарилади. Бандалар орасида ажрим чиқариш, мўминларни жаннатга, кофир ва мушрикларни дўзахга ҳукм қилиш учун Аллоҳ таоло тажалли қилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир чорловда эдик. У зотга қўйнинг (пиширилган) қўли кўтариб келинди. У зотга шу ёқар эди. Ундан бир тишлам тишладилар ва шундай дедилар: «Мен қиёмат куни одамларнинг саййидиман. Аллоҳ аввалги-ю охиргиларни бир сайҳонликда ким билан жам қилишини биласизларми? Қараган одам уларни кўра олади, жарчи уларга эшиттира олади. Қуёш уларга яқин келади. Баъзи одамлар: «Ҳой, нима аҳволда эканингизни, сизларга нималар етганини кўрмайсизларми? Сизларни Парвардигорингиз олдида ким шафоат қилишига қарамайсизларми?» дейди. Шунда баъзи одамлар: «Отангиз Одам», дейди. Улар Одамнинг олдига келишади. «Эй Одам, сиз башариятнинг отасисиз. Аллоҳ сизни Ўз “қўл”и билан яратган ва сизга Ўз руҳидан пуфлаган, фаришталарга буюрган, улар сизга сажда қилишган ҳамда (У Зот) сизни жаннатга жойлаштирган. Парвардигорингиз олдида бизни шафоат қилмайсизми? Биз нима аҳволда эканимизни, бизга нималар етганини кўрмайсизми?» дейишади. У: « Парвардигорим шундай бир ғазаб қилганки, бундан олдин бунчалик ғазаб қилган эмас, бундан кейин ҳам бунчалик ғазаб қилмайди. Мени дарахтдан қайтарган эди, мен Унга осий бўлганман. Ўзим билан ўзимман. Мендан бошқага боринглар, Нуҳнинг олдига боринглар», дейди. Улар Нуҳнинг олдига келишади. «Эй Нуҳ! Сиз ер аҳлига юборилган расулларнинг биринчисисиз. Аллоҳ сизни «сершукр банда» деб атаган. Биз нима аҳволда эканимизни кўрмайсизми? Бизга нималар етганини кўрмайсизми? Парвардигорингиз олдида бизни шафоат қилмайсизми?» дейишади. У: «Бугун Парвардигорим шундай бир ғазаб қилганки, бундан олдин бунчалик ғазаб қилган эмас, бундан кейин ҳам бунчалик ғазаб қилмайди. Ўзим билан ўзимман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига боринглар», дейди. Улар менинг олдимга келишади. Мен Арш тагида сажда қиламан. Шунда «Эй Муҳаммад! Бошингни кўтар. Шафоат қил, шафоатинг қабул бўлади. Сўра, сенга берилади», дейилади» (Бухорий ривояти).
70. Ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилади. Уларнинг нима қилаётганини У яхши билувчидир.
Қиёмат куни бандаларнинг барча амаллари, ишлари тарози-мезонга тушади. Ҳар бир инсоннинг қилган яхши-ёмон амалларининг бари илоҳий дақиқлик ва аниқлик билан, ҳеч кимга заррача зулм қилинмаган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади. Банданинг яхши амалларига яраша мукофот, гуноҳ ва ёмон амалларига жазо берилади.
Бунинг учун уларнинг бу дунёда қилган ишлари котиб фаришталар томонидан ўта аниқлик билан ёзиб юрилган номаи аъмол китоблари олиб келинади. Аниқ ҳукм чиқариш учун шунинг ўзи етарли эди. Аммо бандага зулм бўлмаслиги учун унга Аллоҳнинг амрларини етказган пайғамбарлар ҳам гувоҳликка келтирилади. Улар инсонларга Аллоҳнинг амрини, таълимотини, ваҳийсини, китоби ва аҳкомларини қандай етказганлари ҳақида гувоҳлик беришади. Ҳеч ким «Мен билмай қолибман, дин ҳақида, шариат ҳақида тириклик чоғимда хабар эшитмаган эканман» дея олмайдиган бўлади.
Аниқ ҳужжат-далил ва гувоҳлардан ташқари энг катта ҳужжат шуки, Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларининг қилаётган ҳамма ишларини жуда яхши билувчидир. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу хабар қиладики, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Банда мусулмон бўлиб, унинг мусулмонлиги гўзал бўлса, Аллоҳ унинг қилиб ўтган барча гуноҳидан кечади. Бундан кейин фақат қасос қолади. Яхшилик (мукофоти) ўн баробардан етти юз баробаргачадир. Ёмонлик эса, агар Аллоҳ кечиб юбормаса, ўз баробар мисличадир» деганларини эшитган экан (Бухорий ривояти).
71. Куфр келтирганлар тўда-тўда қилиб дўзахга ҳайдалади. Унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва қўриқчилари уларга: «Сизларга ораларингиздан Парвардигорингизнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, сизларни ушбу кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирадиган пайғамбарлар келмаганмиди?» дейишади. Улар: «Шундай, лекин азоб сўзи кофирларга ҳақ бўлгандир», дедилар.
Ушбу ояти каримада қиёмат кунининг манзаралари баён этилмоқда. Дунё ҳаётида Аллоҳнинг ваҳийларини инкор этиб, кофир бўлганлар ушбу кунда тўда-тўда қилинган ҳолда дўзах сари ҳайдаб кетилади. Улар дўзахга яқин келишлари билан унинг эшиклари очилиб, дўзах қўриқчилари важоҳат билан шундай дейишади: “Сизлар Парвардигорингизнинг оятларини инкор қилиб, уларга куфр келтирганингиз учун Унинг амрига биноан дўзахга ташланасизлар. Ҳолбуки сизларга ўз ораларингиздан илоҳий амрларни тиловат қилиб, сизларни ҳақ йўлга чорловчи, қиёмат кунидаги мулоқотдан огоҳлантирувчи пайғамбарлар юборилган эди. Сизлар уларга итоат қилмадингиз, улар етказган ваҳийларни ҳаётингизга татбиқ этмадингиз, пайғамбарларнинг огоҳлантиришларини қулоққа олмадингиз. Мана энди ана шу қилмишингизнинг жазосини тўла олиш муҳлати келди. Уларнинг даъватларини очиқ-ойдин инкор қилганингизнинг кулфатини тортиш пайти келди. Энди ҳолингиз не кечади, Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун қандай чора топасизлар?”. Куфр келтирганлар бу саволга жавоб топа олишмайди. Фақат “Ҳа, шундай бўлди, энди бизларнинг Аллоҳнинг амрига бўйсунишдан, Унинг ҳукмига итоат қилишдан бошқа чорамиз йўқ. Парвардигорнинг азоби кофирларга ҳақ бўлди, ундан қочишнинг, нажот топишнинг мутлақо имкони қолмади” дейишдан бошқа сўз топа олмай қолишади. Бу гаплари билан ўзларининг куфр келтирганларини тан олиб, илоҳий жазога мубтало бўлишади.
72. «Дўзах дарвозаларидан унда мангу қолувчи ҳолингизда киринглар!» дейилади. Мутакаббирларнинг жойлари нақадар ёмон!
Дўзахийлар мангу азоб жойининг дарвозаларига яқинлашганларида унинг посбонлари “Қилмишларингизга яраша дўзахга хукм қилиндинглар, энди унинг дарвозаларидан кираверинглар, бу ерда абадий азоб ичра қоласизлар” деган сўзлар билан уларни қарши олишади. Чунки улар дунё ҳаётида ғурур ва кибрга бориб, Аллоҳнинг ваҳийларини ёлғонга чиқаришган, Унга турли бут-санамларни, махлуқотларни шерик қилишган эди. Аллоҳ таоло ана шундай мутакаббир кимсаларга мангу азоб жойи бўлмиш дўзахни тайёрлаб қўйган.
Агар банда сохта ғурур ва мутакаббирликка бориб, Аллоҳнинг оятларини тан олмай инкор қилса, гуноҳга ботади. Гуноҳ эса унинг дилини қорайтиради, ҳақни танишдан тўсади. Кўзини тўғри йўлни, яъни Исломни кўрмайдиган, қулоғини диний насиҳатни эшитмайдиган қилиб қўяди. Бундайлар эса Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати ва ҳидоятидан маҳрумдирлар. Мутакаббир кимса имонга келишдан ор қилади, ўзини ҳаммадан, барча нарсадан, ҳатто Аллоҳнинг амр-фармонларидан ҳам устун кўради. Бу билан у Аллоҳгагина хос сифатларга даъвогарлик қилган, буюк қудрат эгаси Аллоҳга ўзини шерик санаган бўлади. Банда бунга асло ҳақли эмас. Сабаби, банданинг ўзини Аллоҳ яратган, Ер юзидаги барча неъматларини унга Аллоҳ берган, инсондаги куч-қудрат, мол-дунё, саломатлик ва ҳаёт ўзича келиб қолмаган, булар ҳам Парвардигор лутфи, инъомидир. Буни тан олмаслик, инкор қилиш эса қаттиқ хатодир, Аллоҳнинг динидан узоқлашишдир. Бундайларни эса АллоҳЎз оятларини англаш, улардан манфаатланиш ва ҳаётини уларга мувофиқ қуриш бахтидан маҳрум этади. Бу эса бандаларга нисбатан адолатсизлик ёки зулм эмас, балки қилмишларига, ноҳақ кибрларига яраша муносиб жазодир.
73. Парвардигорларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб бошлаб борилади. Унга етиб келишганида унинг дарвозалари очилади ва қўриқчилари уларга: «Сизларга салом бўлсин! Хуш келдингиз! Энди унга мангу қолувчи ҳолингизда киринглар!» дейишади.
Аллоҳ таолодан қўрққан ҳолларида Унинг амрларини бажарган, қайтариқларидан четда бўлган солиҳ инсонлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ ҳолларида бошлаб борилади. Улар жаннатга етиб келишганида унинг дарвозалари очилиб, жаннат қўриқчилари жаннатийларни “Сизларга салом бўлсин, хуш келибсиз! Энди ушбу жаннатда мангу яшаб қоласизлар” деб қарши олишади.
Муфассирлар жаннат дарвозаларини саккизта ва ундан ҳам кўпроқ, дейишади. Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннатга умматимдан етмиш минг (ёки етти юз минг) нафари бир-бирларининг қўлларидан тутганча кириб боришади. Охиридаги одам кирмагунча бошидаги кирмайди. Уларнинг юзлари тўлин ой кабидир” (Бухорий ривояти); Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқиб, шундай дедилар: «Менга умматлар намойиш қилинди. Бир набий бир киши билан, яна бир набий икки киши билан, яна бир набий кичик бир жамоа билан, яна бир набий ёлғиз ўзи ўтар эди. Шунда мен уфқни тўсиб турган катта бир оломонни кўриб, ўша менинг умматим бўлса эди, деб умид қилдим. Шу пайт: «Бу Мусо ва унинг қав-мидир», дейилди. Кейин менга: «Қара!» дейилди. Мен уфқни тўсиб турган катта бир оломонни кўрдим. Сўнгра менга: «У ёққа, бу ёққа қара!» дейилди. Мен уфқни тўсиб турган катта бир оломонни кўрдим. Шунда: «Булар сенинг умматинг. Уларнинг орасида жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши бор», дейилди». Одамлар тарқаб кетишди, уларга очиқлаб берилмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари эслашиб ўтириб: «Биз ширкда туғилдик, лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирдик. Балки улар (жаннатга ҳисобсиз кирадиганлар) фарзандларимиздир?» дейишди. Бу сўз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Шунда у зот: «Улар шумланмайдиган, дам солдирмайдиган, куйдирма босмайдиган ва Парвардигорларига таваккул қиладиганлардир», дедилар. Уккоша ибн Миҳсан туриб: «Мен ўшаларданманми, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. «Ҳа», дедилар. Шунда бошқаси ҳам туриб: «Мен ҳам уларданманми?» деди. «Уккоша бунда сендан ўзиб кетди», дедилар» (Бухорий ривояти).
74. Улар: «Бизларга рост ваъда берган ва бизларни Ерга ворис қилган Аллоҳга мақтовлар бўлсин. Жаннатда ўзимиз хоҳлаган ерга жойлашамиз», дейишади. Амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!
Жаннатийлар қилган амаллари эвазига Аллоҳ таолонинг мукофотига сазовор бўлганларини кўришганидан кейин “Дунё ҳаётида имонлиларга жаннат бўлиши ваъдасини берган Аллоҳнинг сўзи ҳақ эди, бизлар бунга имон келтирган эдик. Мана ўша ваъданинг рўёбга чиққанини кўриб турибмиз. Бизларга рост ваъда берган, бутун Ер юзига бизларни меросхўр қилган Аллоҳга Ўзига муносиб ҳамду саноларни йўллаймиз”, дейишади. “Бизларни Ерга ворис қилган” деганда улар Ерни зурриётларига мерос қолдиришади, деган маъно англашилмайди, балки қиёмат келиши билан уларнинг Ердаги ҳаётлари жаннатдаги абадий ҳаёт билан қўшилиб кетишига ишора бор. Мўминларнинг одобини кўринг: жаннатий бандалар ўзларига берилган олий мақом ва мангу саодат хабарини эшитишлари билан дарҳол Ўз Парвардигорларига - уларга берган ваъдасига мувофиқ уларни жаннатга киритган Аллоҳ таолога ҳамд-мақтовлар айтишмоқда!
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз ўлса, унга ўрни эртаю кеч кўрсатиб турилади: агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан экани, дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан экани. «Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича сенинг ўрнинг мана шудир», дейилади», дедилар» (Бухорий ривояти).
75. (Эй Муҳаммад), фаришталарни Аршни ўраб олиб, Парвардигорларига мақтов билан тасбеҳ айтаётганларини кўрасиз. Улар орасида ҳаққоний ҳукм қилинди ва: «Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!» дейилди.
Қиёмат куни нафақат инсонлар, балки Аршни ўраганича Аллоҳнинг амрига шай турган фаришталар ҳам ягона Парвардигорларига мақтов билан тасбеҳлар айтиб туришади, Уни барча айбу нуқсонлардан поклаб зикр этишади. Нафақат инсонлар ва фаришталар, балки бутун борлиқ, ундаги барча оламлар, жамики махлуқот ва мавжудот ҳам ягона Парвардигорини поклаб, Унга зикрлар, ҳамду санолар, тасбеҳлар йўллайди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга турганларида шундай дер эдилар: «Аллоҳумма! Лакал ҳамду, анта қоййимус-самавати вал-ард ва ман фиҳинна. Ва лакал-ҳамд. Лака мулкус-самавати валард ва ман фиҳинна, ва лакал-ҳамд. Анта нуурус-самавати вал-ард ва ла-кал-ҳамд. Антал-ҳаққу, ва ваъдукал-ҳаққ, ва лиқоука ҳаққ, ва қовлука ҳаққ, вал-жаннату ҳаққ, ван-наару ҳаққ, ван-набийюна ҳаққ ва Муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаққ, вас-соъату ҳаққ. Аллоҳумма, лака асламту ва бика ааманту ва ъалайка таваккалту, ва илайка анабту, ва бика хосамту, ва илайка ҳакамту. Фағфирли маа қоддамту ва маа аххорту ва маа асрорту ва маа аъламту. Антал-Муқоддиму ва антал-Муаххир. Лаа илааҳа илла анта» (Бухорий ривояти). Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Ҳамд Сенга хос, Сен осмонлару Ер ва улардагиларни қойим қилувчисан. Ҳамд Сенга хос, осмонлару Ернинг ва улардагиларнинг эгалиги Сеникидир. Ҳамд Сенга хос, Сен осмонлару Ернинг нурисан. Ҳамд Сенга хос, Сен ҳақсан. Ваъданг ҳақ, Сенга йўлиқиш ҳақ, сўзинг ҳақ. Жаннат ҳақ, дўзах ҳақ. Набийлар ҳақ, Муҳаммад соллаллоху алайҳи васаллам ҳақ. Соат (қиёмат) ҳақдир. Аллоҳим, Сенга таслим бўлдим. Сенга имон келтирдим. Сенга таваккул қилдим. Сенга қайтдим. Сенинг ёрдаминг ила хусуматлашдим. Сени ҳакам қилдим. Менинг аввалу охир, хуфёнаю ошкора қилган (гуноҳ)ларимни мағфират қил. Муқаддим (олдинга қўювчи) ҳам Ўзингсан, Муаххир (орқага сурувчи) ҳам Ўзингсан, Сендан ўзга илоҳ йўқ!».
Бутун оламлар ва ундаги мавжудот-махлуқотнинг Аллоҳ таолога мақтов билан тасбеҳ айтиши бутун оламларнинг ягона Парвардигори ва ёлғиз яратувчиси Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига энг ёрқин далиллардандир! Оламлар Парвардигори - Аллоҳга, Унинг ёлғиз Ўзига битмас-туганмас ҳамду саноларимиз, тасбеҳларимиз, зикрларимиз бўлсин, омин!