Маккада нозил бўлган, 88 оятдан иборат
Сод - Қуръонй каримнинг ўттиз саккизинчи сураси номи, маккий суралардан, 88 оятли. Маъносини ёлғиз Аллоҳ таоло биладиган «сод» ҳарфи билан бошлангани учун у «Сод сураси» деб аталади. Сурада асосан ақиданинг энг муҳим уч масаласи - тавҳид, ваҳий ва охиратдаги ҳисоб-китоб мавзуи муолажа қилинади. Унда мушрикларнинг Муҳаммад алайҳиссалом даъватларига қайсарлик қилганлари, у зотга таскин-тасалли бўлиши учун аввалда ўтган айрим пайғамбарлар ҳаёти ва уларга ҳам кофирлар етказган озор-азиятлар хабари келтирилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мухлис мўмин-мусулмонларга тасалли бўлиши учун ўтган пайғамбарлардан Довуд алайҳиссалом ва у зотнинг ўғиллари Сулаймон алайҳиссалом ҳамда Айюб, Исҳоқ, Яъқуб, Исмоил ва Зулкифл алай-ҳимуссаломнинг қиссалари келтирилади. Бу сурада ҳам Аллоҳтаоло мўминлар учун тайёрлаб қўйган гўзал оқибат - жаннат ва динсиз кофирлар учун ҳозирлаган дўзах ҳақида бир неча оятлар бор.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Соод. Зикр манбаи бўлган Куръонга қасам.
Арабий ҳарфлардан бўлган «сод» ҳарфининг маъноси ва ҳикматини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ушбу ҳарфнинг ўзи бир мўъжиза бўлса, шу каби ҳарфлардан таркиб топган Қуръон ҳам абадий илоҳий мўъжизадир. Оддий алифбо ҳарфларидан таркиб топган Қуръонга ўхшаш китобни ҳеч ким келтира олмаслиги эса унинг борлиқдаги энг улкан мўъжиза эканини кўрсатади. Оятдаги «зикр» сўзи луғатда «эслатма, ёдланувчи, шон-шараф, баён» каби маъноларни билдиради. Қуръони карим васфида бу маъноларнинг ҳаммаси ишлатилади. Шунингучун ҳам Қуръонда «эслатма» ёки «шон-шараф» эмас, балки шу икки маънони ҳам ифода этадиган «зикр» сўзи ишлатилганки, бу ҳам унинг мўъжизакорлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятида Ўз Каломини эслатма, баён, шараф манбаи сифатида улуғлаб, унга қасам дейиш орқали ушбу сурада ирода қилинган мақсадга бандалар эътиборини қаратмоқда. Оятнинг ички мазмунига қараб, ушбу жумланинг маъносини «Зикр эгаси бўлмиш Қуръонга қасамки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ пайғамбардир, Қуръон ҳақ мўъжизадир» деб тушунса бўлади. Ибн Аббос ва Заҳҳокларнинг айтишларича, “сод” ҳарфи “Содақа Муҳаммад” (Муҳаммад ҳақни айтади) сўзининг қисқартирилган шакли экан.
2. Аммо куфр келтирганлар ғурур ва мухолифликдадирлар.
Куфр ва ширкка кўп ҳолларда инсонларнинг ғурури, кибри сабаб бўлади. Макка аҳлига Аллоҳнинг ваҳийлари нозил бўлганида ҳам улар ғурурларига маҳлиё бўлиб, кибру ҳавога берилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканларини, Қуръоннинг илоҳий мўъжизалигини инкор қилишга тушишди. Улар Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ихтилофга бориб, Исломнинг зафарли юришига тўғаноқ бўлишга уринишди. Аммо улар бу диннинг Аллоҳники эканини билганларида уни инкор этмаган, имонга келган бўлишарди. Маккаликларнинг кўплари охирзамон Пайғамбарига эргашиб, имон лаззатидан баҳраманд бўлган ҳолларида айрим кимсалар ўзларидаги кибру ҳаво сабабли бу иноятдан бебаҳра қолишди. Улар билишмайдики, Ислом Аллоҳ қиёматгача боқий қолдирадиган ҳақ диндир, ким кибрга бориб уни инкор қилмоқчи бўлса, қаттиқ адашади. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилганларнинг оқибати жуда хатарлидир, улар қилмишлари учун дўзахдаги абадий азобга гирифтор бўлишади.
3. Биз улардан илгари ҳам қанча авлодларни ҳалок этганимизда улар фарёдлар чекишди, аммо қочиб қутулиш вақти эмасди.
Ояти каримадаги “қарн” сўзи “авлод” маъносини англатса-да, кенгроқ қараладиган бўлса аниқ бир даврдаги ва бир муҳитга қарашли одамлар гуруҳини, ҳозирги тил билан айтганда, “тамаддун, маданият” маъноларини ҳам билдиради. Аллоҳ таоло айтяптики, Биз ҳозирда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбарлигини, Қуръоннинг ҳақ илоҳий Китоб эканини инкор этаётган кофир ва мушриклардан олдин ҳам қанчадан-қанча асрлардаги авлодларни ҳалок этганмиз. Ўшанда улар дод-фарёд чекиб, нолалар қилишди, Парвардигорларидан ёрдам ва нажот сўраб, ялиниб-ёлборишди. Аммо уларнинг бу илтижо ва нолалари кеч эди, энди Бизнинг азобимиздан қочиб қутулишнинг вақти эмас эди. Ҳукмлар ўқилиб, тавба эшиклари ёпилган, мағфират қилиниш имконияти бой берилган эди. Шунинг учун кофир ва мушрик кимсалар вақт ҳамда имкон борида ўзларини ўнглашсин, гуноҳларига тавба қилиб, Аллоҳнинг ҳақ динини инкор этишни бас қилишсин. Аллоҳнинг Пайғамбарига қилаётган туҳмат ва хуружларини бас қилишсин. Акс ҳолда вақт ўтганидан кейин уларнинг дод-фарёдлари ўтмишдаги ота-боболариники каби мутлақо фойда бермай қолади.
4. Уларга ўзларидан огоҳлантирувчи келганидан ажабланишди ва кофирлар: «Бу сеҳргар ёлғончидир», дейишди.
Макка мушриклари ўз ораларидан чиққан Муҳаммад алайҳисса-ломнинг Аллоҳ таоло томонидан пайғамбар этиб, гуноҳкорларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи қилиб юборилганидан ажабланиб қолишди. Улардаги кибру ҳаво, аслзодалик ғурури, итоатсизлик ва жоҳиллик Аллоҳнинг рисолатини олиб келган кишига имон келтиришдан, у зотга эргашишдан, ваҳийларни ҳаётга татбиқ этишдан юз ўгиришларига сабаб бўлди. Уларнинг ожиз фикрича, ўз ораларида юрган оддий одамдан пайғамбар чиқмаслиги керак эмиш, бу ниҳоятда ажабланарли иш эмиш. Улар бу фикрлари билан Аллоҳнинг амрига қарши чиқишди ва имон лаззатидан абадий бебаҳра қолишди. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканларини инкор қилиш билан чегараланиб қолишмади, балки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши турли уйдирма, иғво ва бўҳтонлар ҳам тарқатишни бошлашди. Улар охирзамон Пайғамбарини сеҳргар, ёлғончига чиқаришдан ҳам тап тортишмади. Улар ўзларича: «Муҳаммад пайғамбар эмас, ўзимизга ўхшаган оддий бир одам, унинг пайғамбар бўлиши мумкин ҳам эмас. Пайғамбарлик даъвосида тиловат қилаётган сўзлари одамларга таъсир қилаётган бўлса, бу унинг сеҳргарлигидандир. У сеҳргардир, айни пайтда унинг «пайғамбарман» деган гапи ёлғон, у ёлғончидир», дейишди.
Макка мушриклари Пайғамбаримизнинг сеҳргар ёки ёлғончи эмасликларини кўра-била туриб ҳам у зотга шу айбни тақашла-рининг ўзига яраша сабаби бор эди. “Сийратун-Набавийя”да Ибн Исҳоқ қуйидагиларни ривоят қилади: “Валид ибн Муғийра Қу-райшнинг ёши улуғларидан эди. Ҳаж мавсуми яқинлашиб қолганида Валид: “Эй Қурайш жамоаси, мавсум ҳам келиб қолди. Яқин орада арабларнинг вакиллари ҳузурингизга келади. Уларнинг ҳаммаси анави оғайнингиз ҳақида эшитган. Энди сиз унинг ҳақида гапни бир қилиб олинг. Яна гапингиз ҳар хил бўлиб, бир-бирингизни ёлғончи қилиб юрманг. Гапингиз хилма-хил бўлмасин”, деди. Тўпланганлар: “Эй Абу Абдушшамс, сен ўзинг бизга бир фикрни айт, биз ўшани тутамиз”, дейишди. У: “Йўқ, аввал сизлар айтингиз, мен эшитай”, деди. Улар: “Уни коҳин деймиз”, дейишди. У: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, у коҳин эмас. Коҳинларни кўп кўрдик. Унинг гапи коҳиннинг ғинғиллашига ҳам, сўзларни тартибга солишига ҳам ўхшамайди”, деди. Улар: “Мажнун деймиз”, дейишди. У: “Муҳаммад мажнун эмас. Зотан, жинниликни кўп кўрдик, унинг нима эканини ҳам яхши биламиз. Унинг гапи жиннининг бўғилишига ҳам, довдирашига ҳам, васвасасига ҳам ўхшамайди”, деди. Улар: “Шоир деймиз”, дейишди. Валид: “У шоир ҳам эмас. Зотан, биз шеърнинг ҳамма турларини - ражзини ҳам, ҳажзини ҳам, қарийзини ҳам, мақбузини ҳам, масбутини ҳам билганмиз. Бу шеър эмас”, деди. Улар: “Жодугар деймиз”, дейишди. Валид: “У жодугар ҳам эмас. Зо-тан, жодугарларни ҳам, жодуларни ҳам кўрдик. Унинг гапи уларнинг дам солишига ҳам, тугун тугишига ҳам ўхшамайди”, деди. Улар: “Унда нима деймиз, эй Абу Абдушшамс?” деб сўрашди. Шунда Валид: “Аллоҳга қасамки, унинг гапида ҳаловат бор. Гапининг асли кўп томирли, шохлари сермева. Сиз у ҳақда нима десангиз ҳам ботиллиги дарҳол билинади. Аммо унинг ҳақида айтиш мумкин бўлган энг ишончли гап «сеҳргар» дейишингиздир. У бир сеҳрли гапни келтирди. Ўша гап билан болани отасидан, акани укасидан, эрни хотинидан, одамни қабиласидан ажратмоқда», деди. Шу тўхтамга келишиб, тарқалишди. Кейин ҳаж мавсуми бошланганида йўлларга ўтириб олиб, олдиларидан ўтганларни у зотдан эҳтиёт бўлишга чақириб, уларни чалғита бошлашди».
5. «У илоҳларни битта илоҳ қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу ажабланарли нарса!»
Макка мушриклари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг тавҳидига, яъни Унинг ягоналигига чорлаётганларини кўриб, ажабланган ҳолда: “У барча илоҳларимиз ўрнига битта илоҳга сиғинишимизни талаб қиляптими?” деб ажабланишди. Ушбу ва ундан кейинги оятларнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида муфассирлар қуйидаги ривоятни келтиришади: «Қурайш аъёнлари Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толибнинг олдига келиб: “Биродарингнинг ўғлини тийиб қўй. У динимизни айбламоқда, худоларимизни ёмонламоқда ва бизларни ақли пастлар деб атамоқда”, дейишди. Абу Толиб жиянлари Муҳаммад алайҳиссаломни чақириб, бу ҳақда гапирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй амаки! Мен уларнинг фақатгина бир оғиз сўзни айтишларини истайман, холос. Бу сўз билан ажамларга ҳукмрон бўлишади, бу билан араблар уларга бўйсунади”, дедилар. Абу Жаҳл ва бошқа мушриклар: “Хўп, биз сенга ўша сўзни ва яна унга ўхшаш ўнтасини айтишга ҳам тайёрмиз”, дейишди.У зот алайҳиссалом: «Лаа илааҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ) денглар”, дедилар. Улар шошганча кийимларини қоқиб, ўринларидан туришди ва: “У илоҳларни битта илоҳ қилиб олибдими? Ҳақиқатан, бу ажабланарли нарса!” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятларни нозил қилди».
6. Уларнинг катталари шундай деганча туриб кетишди: «Юринглар, илоҳларингиз борасида сабр қилинглар. Албатта, бу исталган нарсадир;
Исломнинг илк даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга эргашганлар Макка мушрикларининг қаттиқ тазйиқи ва таъқибига учрашди. Ширк эгалари бу йўлда ҳеч нарсадан қайтишмади: Исломга янги кирганларга азоб бериб, уларни калака қилишди, турли йўллар билан озор етказишди, уларни яна сохта илоҳларга сиғинишга қайтариш учун ҳар хил режаларни ўйлаб топишди. Қавмнинг катталари бу борада Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб билан учрашиб, ўз илоҳларини йўққа чиқараётган жиянидан воз кечишни, уни “тартибга чақириб қўйипГни талаб этишди. Ўшанда Аллоҳнинг Расули уларга шаҳодат калимасини айтишни таклиф қилганларида қавмнинг катталари ўринларидан туриб кетишди ва “Энди илоҳларингиз борасида сабр қиласизлар, бу бизлардан исталган нарсадир”, дейишди. Уларнинг бу режаси барбод бўлгач, улар мусулмонларни бадном қилиш учун яна бир фитна ўйлаб топишди. Улар янги диннинг ўз салтанатларини ағдаришга йўналтирилганини, Аллоҳнинг элчиси ҳокимиятни ўз қўлига олмоқчи эка-нини гапира бошлашди.
7. бу ҳақда охирги диндан эшитмаганмиз, бу фақат уйдирмадир;
Абу Толибнинг олдига келган Макка мушрикларининг катталари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ягона илоҳ ҳақидаги сўзларини эшитишни ҳам исташмади. Чунки уларнинг ноқис ақллари шундайин улкан замин ва минг-минг одамларга битта илоҳ етарли эканини тушуниб етишга қодир эмасди. Уларнинг ўзлари юзлаб сохта илоҳларга сиғинишарди. Шунинг учун улар қавмларидаги бир одамнинг, яъни Муҳаммад алайҳиссаломнинг ягона Аллоҳга имон келтириш ҳақидаги таклифларини қатъиян рад этишди. Бу ҳам етмагандай у зот баён этаётган илоҳий ваҳийларни уйдирмага чиқариб, “Уни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган” дейишгача боришди. Ўз даъволарининг исботи учун шу пайтгача одамлар эътиқод қилган охирги насроний динида бу ҳақда ҳеч нарса келмаганини рўкач қилишди. “Насронийлар ҳам худони учта дейишади-ку!” деган иддаоларга боришди.
8. орамиздан фақат ўшанга Зикр нозил қилинибдими?!» Ҳа, улар Менинг Зикрим ҳақида шубҳададирлар. Ҳа, улар ҳали азобимни тотиб кўришгани йўқ.
Мушрикларнинг кибри ва ҳасади шунчаликки, улар ораларида юрган оддий бир одамга Зикр, яъни Қуръони каримнинг нозил қилинишини асло мияларига сиғдира олмайдилар. “Қавмда шунча бой, аслзода, баобрў ва ёши улуғ кишилар турганида илоҳий ваҳий келиб-келиб ўша камбағал, етим ва савод чиқармаган Муҳаммадга тушадими?” деб ҳайрон бўлишади. “Икки шаҳарда, яъни Макка ва Тоифда шунча улуғ аслзодалар туриб, Аллоҳ нега уни пайғамбарликка танлайди?” деб ҳасратларидан чанг чиқади. Бу “ҳақсизлик”ка чидолмай, масалани ойдинлаштириш учун чақирилган мажлисни ҳам ташлаб кетишади. Аллоҳ таоло уларнинг бу қилмишларини қоралаб, “Ҳа,улар Мен юборган Зикр, Қуръон ҳақида ҳамиша шубҳададирлар. Улар қилаётган даъво-иддаолар асоссиз, ваҳийларимизни кимга ва қай ҳолатда нозил қилишни фақат Ўзимиз билишимизга уларнинг ақллари етмайди, бу ҳақда билишни ҳам исташмайди. Яна улар дунё ва охират иши инсонларнинг ноқис ақлларига кўра бошқарилмаслигини ҳам тушунмайдилар. Илоҳий ваҳийни қабул қилишга катта руҳий ва маънавий тайёргарлик, гуноҳ ва хатолардан маъсумлик, гўзал ахлоқ ва собит имон керак бўлишини улар қаердан ҳам билишсин? Шунингучун ўзларича кибру ҳавога берилиб, Парвардигорларининг амрига хилоф иш қилмоқдалар. Аммо улар Аллоҳнинг азобини тотиб кўрганларидан кейин гап нимада эканини яхши билиб олишади. Ҳозирча Аллоҳнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини инкор қилиб, у зотга имон келтирмай тураверишсин-чи!
9. Ёки улар ҳузурида қудратли ва карамли Парвардигорингнинг раҳмат хазиналари борми?
Бу нодон кимсаларнинг куч-имконияти фақат Аллоҳнинг амр-фармонларини инкор қилишга етибдию, куч-қудрат ҳам, лутфу карам ҳам, чексиз меҳрибонлик ҳам фақат Аллоҳгагина хос эканига ақллари етмабди-да?! Мушриклар ким бўлибдики, Аллоҳ таоло кимга лутфу карам кўрсатиб, пайғамбарликка танлагани масаласига аралашадилар, қудратли Парвардигорларининг иродасини муҳокама қиладилар?! Наҳотки пайғамбарликнинг кимга юборилишию, кимга юборилмаслигини муҳокама қилишга уларнинг ҳаддилари сиғса?! Ёки уларнинг ҳузурида қудратли ва карамли, хоҳлаган бандасига хоҳлаган нарсасини, жумладан пайғамбарликни ҳам берадиган Парвардигорингизнинг раҳмат хазиналари бормиди? Улар ўша хазинадан неъматларни хоҳлаганча олиб, истаган одамларига тарқатишни орзу қилишганмиди? Улар ўша раҳмат хазинасидан пайғамбарликни ҳам ўзлари хоҳлаган одамга олиб беришмоқчимиди?
10. Ёки осмонлару Ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг ҳукмронлиги уларникими? Унда осмонга нарвон қўйиб кўтарилсинлар-чи!
Куфр ва ширк эгаларининг ақлсизликлари шу даражадаки, оддий ҳақиқатни ҳам тушунгилари келмайди, атрофларидаги беҳисоб далил-аломатларни кўришмайди, булар ҳақида фикр юритиб, буюк қудрат эгаси бўлган Аллоҳга имон келтиришга шошилиш-майди. Улар озгина ўйлаб кўришганида бу поёнсиз осмонларни, миллионлаб одамлар макон тутган бу курраи заминни, улар орасидаги ой, қуёш, юлдузлар, тоғлар, уммонлар, ҳайвон ва паррандалар, бошқа беҳисоб нарсаларнинг ягона яратувчиси ва ҳукмдори қай бир зот эканини яхши билиб олган бўлишарди. Тилга олинган бу нарсаларнинг бирортасини яратишга, бошқаришга, ҳатто низомини озгина ўзгартиришга ўзлари мутлақо қодир эмасликларини тушунган бўлишарди. Ҳолбуки, улар бор куч-имкониятларини ишга солиб ҳам қуёш ёки ойнинг ҳаракатини бир сонияга тўхтата олишмайди, денгизнинг сувини кўпайтира олишмайди, довул ёки бўронни тўхтата олишмайди. Улар ҳар қанча чирансалар ҳам, Аллоҳнинг махлуқларидан бирортасини, ҳатто чивин, чумоли каби энг майда ҳашаротларни яратиш қўлларидан келмайди. Унда нима учун улар пайғамбарлик, бу вазифани кимга топшириш ҳақида ўзларича ҳукм чиқарадилар?! Агар улар ўзларини жуда қудратли санашаётган бўлса, унда бирор нарвон топиб, осмоннинг энг юксак чўққисига кўтарилишсин-чи! Осмонга чиқиб олиб, борлиқдаги низомни салгина ўзгартириб кўришсин-чи! Йўқ, бундай ишлар уларнинг қўлидан келмайди. Унда нега ўзлари масъул бўлмаган ишларга аралашиб, Аллоҳнинг фармонларини муҳокама қилишади? Қўлларидан ҳеч нарса келмагани ҳолда нега улар илоҳий амрларни инкор қилишга уринишади? Ўша мушриклар ким бўлибдики, Аллоҳ белгилаб қўйган илоҳий тақдиротни тафтиш қилишга ҳаддилари сиғади?
11. (Эй Муҳаммад), ўша ердаги енгилган фирқалардан бир қўшиндир.
Ояти каримадаги “ўша ердаги” (ҳуналика) жумласи Маккани, “жунд” сўзи аслида “қўшин, ҳарбий куч” маъноларини билдирса-да, бу ўринда махлуқот, яъни кўпгина одамларни англатади. “Ҳизб” эса “фирқа, фикрдошлар гуруҳи, бир мақсад йўлида бирлашган гуруҳ” маъносидадир. Шундан маълум бўладики, мушриклар нари борганда енгилган фирқалардан тузилган қандайдир ожиз, нотавон бир қўшин бўла олади. Уларнинг бундан бошқа эътиборга сазовор ҳеч қандай фазилати йўқ. Шунинг учун мўминлар уларнинг баланд-парвоз сафсаталарига, ўзларини баланд олишларига, қудратли қилиб кўрсатишларига мутлақо эътибор бермасликлари керак. Кофир-мушрикларнинг иши ҳамиша шундай бўлиб келган. Бўш ноғора қаттиқ тарақлагани каби инсоният тарихидаги бундай сохта таълимотлар минг чирангани билан узоққа бормайди: ҳақ ва маърифат қаршисида таслим бўлиб, тарих саҳифаларидан тезда ўчиб кетади. Олдинлари ҳам Аллоҳнинг ваҳийларини ёлғонга чиқаришга уринганлар кўп ўтган.
12. Улардан олдин Нуҳ қавми, Од ҳам, қозиқлар эгаси Фиръавн ҳам ёлғончига чиқарган.
Макка мушриклари Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиб, ёлғонга чиқарган ягона қавм эмас. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқараётган мушриклардан олдин ҳам кўп қавмлар ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилишган. Анча олдин ўтган Нуҳ қавми ҳам, Од қабиласи ҳам, қозиқлар эгаси номини олган Фиръавн ҳам Аллоҳнинг рисолатини олиб келган пайғамбарларни ёлғончига чиқаришган, уларни мазах қилиб хорлашган, уларга эргашиш ўрнига қаттиқ итоатсизлик кўрсатишган. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини минг йил Аллоҳнинг тавҳидига чақириб, Унгагина имон келтиришга чорлади. Аммо жоҳил қавм пайғамбар олиб келган ваҳийларни ёлғон санаб, Нуҳга эргашишни истамади ва Аллоҳнинг қаттиқ азобига учради: пайғамбарга эргашган оз сонли мўминлардан ташқари барчалари улкан тўфон пайтида сувга ном-нишонсиз ғарқ қилиб юборилди. Мағрур ва исёнкор Од қабиласи ҳам ўзига юборилган Аллоҳнинг пайғамбари Ҳуд алайҳиссаломга қилган итоатсизлиги, уни ёлғончига чиқаргани учун даҳшатли ҳалокатга учради. Ўзига қарши чиққанларни қозиқларга боғлаб қўйиб азоблаган “қозиқлар эгаси” Фиръавн ҳам Аллоҳнинг рисолатини инкор қилгани, Унинг пайғамбарларини ёлғончига чиқаргани учун Аллоҳнинг жазосига ва қаттиқ азобига учраган. Оятдаги Фиръавнга берилган қудрат ва кеккайишни англатувчи “қозиқлар эгаси” лақаби ҳақида муфассирлар турлича фикрларни айтишган: 1. Қозиқлар чодирни тутиб тургани учун мустаҳкамлик ва барқарорлик тимсоли саналган. 2. Кўпгина қозиқлар жангга шай турган кўп сонли қўшинни англатади. 3. Фиръавн каби қудратли ҳукмдорлар ўз мухолифларини қатл қилишнинг мунтазам қўллаб турган энг даҳшатли турини билдиради. 4. Араб саҳройиларининг қадимий тилида бу ибора қудратли салтанат тимсолидир, чунки бадавийлар чодирини тутиб турган қозиқларнинг кўплиги чодир эгасининг мақоми ва обрў-мартабасига боғлиқ бўлган.
13. Ва Самуд ҳам, Лут қавми ҳам, Айка эгалари ҳам. Ана шулар фирқалардир.
Самуд қавми ўзига юборилган Аллоҳнинг пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломнингтавҳидга чақириб қилган даъватини инкор қилди, ўз осийлигини яшириш учун Солиҳ алайҳиссаломни ёлғончига чиқаришдан бошқа баҳона топа олмади. Бузуқлик ва фаҳш гирдобига кириб кетган Лут қавми ҳам пайғамбарга итоатсизликда ном чиқарди. Улар ўзларини ахлоқсизликлардан қайтармоқчи, Аллоҳга имон келтиришга ундамоқчи бўлган пайғамбарлари Лут алай-ҳиссаломни калака қилишди, ёлғончи санашди, ҳатто унга азоб бермоқчи ҳам бўлишди. “Айка (дарахтзор) эгалари” деб ном олган Мадян аҳли ҳам пайғамбарлари Шуъайб алайҳиссаломни ёлғончи қилишган. Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига бўйсунмаган бу осий қавмлар Парвардигорларининг аламли азобига учраб, барчалари ҳалокатга юз тутишди. Аллоҳ таолога исён қилган, Унинг амр-ларига қарши турган, Парвардигор юборган пайғамбарларни мазах қилган итоатсиз гуруҳ-фирқалар ана шулардир.
14. Барчалари пайғамбарларни ёлғончига чиқаришди ва азобим ҳақ бўлди.
Юқорида зикри келган қавм ва қабилаларнинг ҳаммаси ҳам ададда ва куч-қудратда Макка мушрикларидан устун эдилар. Аммо улар Аллоҳнинг пайғамбарларига қарши чиқиб, уларга итоатсизлик кўрсатганлари сабабли Аллоҳ таоло Ўзининг қаттиқ азоби билан ушлади. Уларнинг барчаси ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилишда қаттиқ туриб, бу гуноҳларида бардавом бўлгач, Парвардигорларининг қаҳрига учрашди. Аллоҳ азза ва жалла уларнинг ҳаммасини бир зумда шармандали ҳалокатга учратди. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, жазоси ҳам ҳақдир, Аллоҳга осийлик қилганларнинг оқибати ҳамиша бир хил - ниҳоятда аянчли ва ҳалокатли бўлади.
15. Ана ўшалар бир зумда келадиган биргина қичқириқнигина кутишяпти.
Оятдаги «бир зумда келадиган» деб таржима қилинган “фавоқ” сўзи “тўпланиш, қайтиш” маъноларини билдириб, арабларда туяни бир марта соғиб, иккинчи бор соққунча бир оз дам олдириш, бўталоғини эмиздириш ва қўлларга салгина дам бериш орасидаги жуда қисқа муҳлатни билдиради. Демак, қиёмат куни белгиланган муддатидан ана шунча миқдордан ҳам кечикмай келади. Унинг вақти келганда эса, сурнинг биргина қичқириғи билан ҳаммаси тамом бўлади. Мушриклар шуни кутишяпти, холос. Аллоҳ таолонинг мушрикларни қиёмат кунигача жазоламай, ўз ҳолларига қўйиб қўйгани улар учун илоҳий раҳмат, улкан фазлу карам эди. Аммо мушриклар бу фурсатнинг қадрини билишмади, имонга келишмади, Аллоҳнинг пайғамбарларини инкор қилишда давом этаверишди.
16. Улар: «Парвардигоримиз, бизларга насибамизни Ҳисоб кунидан аввалроқ тезлатиб бер!» дейишади.
Мушрик кимсалар шунчалар ҳам нодон бўлишадими? Ахир улар Аллоҳнинг ваҳийларига имон келтириб, У Зот юборган пайғамбарларга эргашиш ўрнига нега тинмай қайсарлик қилишади? Ўз қилмишлари ва гуноҳларини хас-пўшлаш учун нега Парвардигорлари юборган элчиларга қарши туҳмат-бўҳтонлар ўйлаб топишади? Имон келтириб, икки дунё саодатини қўлга киритиш ўрнига нима учун охирзамон Пайғамбарини калака қилишга ўтишади? Ҳатто Аллоҳ таолога шаккоклик билан “Парвардигоро, ўша ваъда қилган азобингни бизларга қиёматдаги ҳисоб-китобдан олдинроқ тезлатиб бергин!” дейишгача боришади, ўз ҳалокатларини тезлаштиришади? Ҳолбуки улар азобга йўлиқишни, ҳалок бўлишни мутлақо исташмайди. Лекин бир кун келиб, ўша азобга дучор бўлишларига, Аллоҳнинг ҳақ ваъдаси албатта амалга ошишига ишонмаганлари учун ўзларини ана шундай бепарво тутадилар, бошларига келадиган мусибатни тезлатишни истайдилар. Мушрикларнинг бундай масхара ва истеҳзолари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир ботар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у зотга тасалли беради, сабрга буюради ва олдин ўтган пайғамбарларнинг қисматидан ўрнак олишга чақиради.
17. (Эй Муҳаммад), улар айтаётган нарсаларга сабр қилинг. Қувват эгаси бўлган бандамиз Довудни эсланг. Ҳақиқатан у қайтувчидир.
Аллоҳ таоло севикли Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики: эй Муҳаммад, мушрикларнинг шаънингизга билдираётган туҳматларига, одобсизларча айтаётган сўзларига эътибор берманг, озорларига сабр қилинг. Сиздан олдин ўтган пайғамбарларимизнинг бошига ҳам бундай синов ва мусибатлар тушган. Улар Бизнинг амримиз билан ўзларига етказилган озорларга чиройли сабр қилишган. Бу борада сизга ўрнак бўлувчи пайғамбарларимиздан бири Довудни эсланг: унга Биз қувват ато этган эдик. Ҳар бир банда ҳузуримизга қайтувчи бўлганидек, Довуд ҳам Бизга қайтувчидир.
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга ҳар жиҳатдан қувват берган эди. У киши дин арконларини бажаришда ҳам қувватли эдилар: кун оралатиб рўза тутар, кечанинг ярмида ухлаб, ярмида ибодат қилар эдилар, подшоҳликлари ҳам кучли, қувватли эди. Аллоҳ азза ва жалла Довуд алайҳиссаломга бошқа маънодаги қувватни ҳам берган бўлиши мумкин. “Қувват” деб таржима қилинган “айд” калимаси араб тилидаги “йад” замиридан олинган ва “қўл” маъносини билдириши билан бирга Қуръони каримнинг баъзи оятларида, хусусан Сод сурасининг ушбу оятида “қувват” маъносида ҳам келган. Ояти каримада қувватдан сўз юритиш орқали жуда муҳим бир нуқтага эътибор қаратилаётгани бежизга эмас. Бу ўриндаги “қувват” ҳозирги замон тили билан айтганда бир атом заррасига куч ва қувватнинг йиғилиши ёхуд атом заррасининг мазкур куч ва қувватустида бино этилиши маъносини билдирса ҳам ажаб эмас. Чунки Қуръони каримдаги илмий мўъжизаларнинг баъзилари очиқ билдирилган ва улар замон ўтиши билан ўз исботини топиб боряпти. Бунга Зориёт сурасининг 47-оятида зикри келган коинотнинг кенгайиши ҳодисаси мисол бўла олади. Баъзи илмий мўъжизалар эса ишорат билан билдирилган ва уларнинг ҳақиқатига Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан фақат илмий изланишлар орқали етиш мумкин.
18. Биз тоғларни кечқурун ва эрталаб у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик;
Борлиқдаги барча мавжудот ўзини яратган Парвардигорни улуғлаб, Унга шукрини билдириш учун эртаю кеч тасбеҳ айтишади, Унинг зикрини қилишади, шу тариқа мақтов ва шукроналарини изҳор этишади. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга тоғларни ҳам бўйсундириб қўйган эди. Ҳатто инсонларга жонсиздай кўринадиган тоғлар ҳам пайғамбар билан бирга Аллоҳ таолога эртаю кеч тасбеҳ айтишади. У киши Забурни тиловат қилганида тоғлар ҳам, паррвандалар ҳам пайғамбарга қўшилиб баравар тасбеҳ айтишарди.
19. ва тўпланувчи қушларни ҳам. Барчалари Унга қайтишади.
17-ва 19-оятларда келган арабча “аввоб” сўзи “қайтиш, юзланиш” маъноларини англатади. Аввалги оятда Аллоҳ таоло пайғам-бари Довуд алайҳиссаломнинг илтижолари ва тоат-ибодати билан Ўзига қайтишини, яъни юзланишини васф этган бўлса, ушбу ояти каримада у билан бирга ҳузурида тўпланадиган гала-гала қушларнинг ҳам Парвардигорларига юзланиб, эртаю кеч тасбеҳ айтишини баён этмоқда. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга қушларни ҳам бўйсундириб қўйган эди. Улар ҳам у кишига қўшилиб, тонгда ҳам, оқшомда ҳам Аллоҳ таолонинг зикрини қилиб, Уни улуғлашар ва поклашар эди.
20. Ва унга подшоҳлигини қувватли қилиб бердик ҳамда ҳикматни ва ҳал қилувчи нутқни бердик.
Довуд алайҳиссалом ҳамма соҳада қувватли эдилар, Аллоҳ таоло у зотга ҳамма жиҳатдан қувват ато этган эди. Ибодатда ҳам қувватли бўлганлари ҳолда Аллоҳ таоло ҳазрати Довудга улкан ва мустаҳкам бир салтанатни ҳам ато этган эди. Яъни, Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлиш билан бирга, давлат бошлиғи - қудратли салтанатнинг подшоҳи ҳам эди. У кишининг салтанатини Аллоҳ таоло ниҳоятда кучли қилиб қўйган эди, лашкарлари беҳисоб эди. Биргина ибодатхоналарини ўттиз уч минг аскар қўриқлаб чиқарди. Кейинги йилгача уларга қўриқчилик навбати келмас эди. Айни пайтда Аллоҳ таоло бу кишига пайғамбарлик, ҳикмат ва етарли баён қилиш нутқини ҳам берганди. Яна унга талашиб-тортишганлар орасидаги можароларни ҳал қилиб бериш ҳукми ҳам берилган бўлиб, у ана шундай тортишувлар чоғида сира иккиланмай ҳукм чиқариб берарди.
21. (Эй Муҳаммад), сизга даъволашганларнинг хабари келдими? Ўшанда улар меҳробга тушишган эди.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қиляптики, “Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), сизга бир-бири билан даъволашганларнинг можаросини ҳал қилиб берган Довуднинг хабари етиб келдими?” Довуд алайҳиссалом серибодат, тақводор киши бўлгани учун доимий ибодат ва Аллоҳнинг зикрини қилиш учун баланд бир жойда ўзига ибодатхона барпо қилган эди. Унинг меҳроби қаршисида, одамлар кўзидан панада пайғамбар-подшоҳ давлат ишларидан бўшаганида Аллоҳга бандалигини изҳор қилиб, ибодатга машғул бўларди. Ояти карима орқали Муҳаммад алайҳиссаломга Довуд алайҳисса-ломнинг икки даъволашувчининг можаросини қандай ҳал этган воқеаси эслатилмоқда. Даъволашганлар бир масала хусусида тортишиб қолиб, уни ҳал қилиш учун Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурига боришса, у киши ибодатда экан. Баҳсда қизишиб кетишганидан у кишининг ибодатни тугатишини ҳам кутмай, яширинча меҳробга чиқиб боришибди.
22. Улар Довуднинг олдига киришганида у улардан қўрқиб кетди. Улар: «Қўрқма, икки даъволашувчимиз, бир-биримизга зулм қилдик. Энди орамизда ҳақ билан ҳукм чиқариб бер, жабр қилмагин. Бизларни тўгри йўлга бошлагин», дейишди.
Бу ояти карима орқали Аллоҳ таоло ҳазрати Довуддек доно ва мулоҳаза билан иш юритувчи пайғамбарининг ҳам хатолардан маъсум (холи) эмаслигини кўрсатувчи ибратли воқеани келтиради ва ҳатто пайғамбарнинг ҳам Аллоҳнинг синовидан омонда эмаслигини баён қилади. Аллоҳнинг пайғамбари баобрў, мартабаси улуғ, ҳар томонлама етук ва қудратли бўлишига қарамай, Аллоҳ таоло у кишини ҳам имтиҳон қилиб, синади. Ушбу имтиҳон қиссасининг қисқача мазмуни қуйидагичадир: Довуд алайҳиссалом, юқорида айтилганидек, вақтини тақсимлаб қўйган, маълум бир вақтни подшоҳлик ишларига, одамлар ўртасида қозилик қилиб, ҳукм чиқаришга ажратган эди. Қолган пайтларда тоат-ибодат билан машғул бўлар эди: Забур тиловат қилар, Аллоҳга тасбеҳ айтар ва бошқа дуо-илтижоларни қилар эди. У меҳробга кириб, ибодат бошлаганида хузурига ҳеч ким қўйилмас эди. Довуд алайҳиссалом ўз ибодатхонасидаги кўздан холи меҳробда ибодат қилиб ўтирганида қаршисида икки киши пайдо бўлди (Аслида улар Аллоҳ Ўз пайғамбарини синаш учун юборган фаришталари эди). Кириш йўллари қўриқланаётгани учун “улар девор ошиб тушдимикин, нияти яхши бўлганида бу усулда келмас эди” деган хаёлда у киши қаттиқ қўрқиб кетди. Даъволашувчиларнинг тўсатдан, рухсат ҳам олмай, одамлар киритилмайдиган меҳробга девор ошиб кириб келишлари яхшилик аломати эмас эди. Ишончли, мўмин одам ҳеч қачон бундай йўл тутмайди. Кириб келганлар пайғамбарнинг қўрққанини кўриб, уни тинчлантиришга ҳаракат қилишди: “Кўрқма, бизлар ёвуз кишилар эмасмиз, фақат бир масалада тортишиб қолиб, ўртамизда холис ва адолатли ҳукм чиқариб беришингни истаб, олдингга келдик. Чунки ўзимиз ҳал қилсак, биримиз бошқамизга зулм қилиб қўйишимиз мумкин. Шунинг учун бирортамизга ҳам ён босмай ёки жабр қилмай, ҳақ билан ҳукм чиқариб бергин. Агар адашаётган бўлсак, бизни тўғри йўлга солиб қўйгин”.
23. «Мана бу менинг биродарим. Унинг тўқсон тўққизта совлиғи бор. Менинг эса биргина совлиғим бор. Шунда у: «Уни ҳам менга топширгин», деди ва сўзда мендан устун чиқди».
Даъво билан келганлар ака-укалар экан. Воқеадан аниқландики, улардан тўқсон тўққизта совлиғи бўлгани биттагина совлиққа эга биродаридан ўша қўйни ҳам ўзига беришни сўрабди. Икки даъвогарнинг бири иккинчисига очиқ зулм қилгани кўриниб турибди. Даъволашувчиларнинг битта қўйни ҳам тортиб олмоқчи бўлгани сўзамол, гапга чечан бўлгани учун нариги шериги унга эътироз билдиришга ҳам ҳад қилолмабди. Энди ўша мазлум одам Довуд алай-ҳиссаломга унинг устидан шикоят қилиб турибди. Довуд алайҳис-салом унинг арзини эшитиб бўлиб, унга шундай жавоб бердилар:
24. (Довуд): «Дарҳақиқат, у совлиғингни ўз совлиқларига сўраб, сенга зулм қилибди. Дарвоқе, шериклар бир-бирларига зулм қилишади. Имон келтириб, солиҳ амал қилганларгина мустасно. Улар жуда озчилик», деди. Довуд уни синаганимизни билди-да, тезда Парвардигорига истиғфор айтиб, саждага йиқилди ва тавба қилди.
Ушбу оят сажда ояти бўлиб, уни ўқиган ёки эшитган одамга қироат (тиловат) саждаси қилиш вожиб бўлади.
Довуд алайҳиссалом биринчи даъвогарнинг сўзини эшитиш биланоқ дарҳол ҳукм чиқаришга киришди ва унга: «Дарҳақиқат, у совлиғингни ўз совлиқларига сўраб, сенга зулм қилибди» деб, унинг фойдасига ҳукм чиқариб юборди. Ҳолбуки, адолат қилиш учун иккинчи даъволашган одамнинг ҳам гапини эшитиб бўлгач, кейин ҳукм чиқариш керак эди. Довуд алайҳиссаломнинг бундай қилишига ака-уками, ҳамкор шерикларми - ким бўлмасин, инсонлар орасидаги муносабатларда бир-бирининг молига ноҳақ эгалик қилиш учун турли ҳийла-найранглар ўйлаб топиш, бунда бирининг бошқасига зулм кўрсатиши одат тусига кириб кетгани сабаб бўлган эди. Буни изҳор қилган пайғамбар жуда оз сонли мўминларгина бундай ноҳақ иш қилмаслигини таъкидлаб қўйишни ҳам унутмади. Шу боис у киши ҳукмининг адолатли бўлганига қаттиқ ишонганидан иккинчи томонни ҳам эшитиб кўришга эътиборсиз бўлди.
Лекин бирдан Довуд алайҳиссалом бу ишда хато қилганини, бунинг оддий ҳолат эмас, ўзи учун Аллоҳнинг бир синови эканини тушуниб етди. Бошда меҳробга кирган икки киши ҳақида ёмон гумон қилган, кейин бир томонни эшитибоқ ҳукм чиқариб юборган эди. Бундай йўл тутиш Аллоҳ танлаган, Унга яқин бандаларга хос иш эмаслигини эслаб қолди. У танимаган одамлар ҳақида ёмон гумон қилгани, ҳукм чиқаришда бир оз шошилгани учун қаттиқ афсусланди. Аллоҳ таолога истиғфор айтди, узоқ вақт саждага бош қўйди, ибодат ва тавбалар қилди.
25. Биз унинг ўша(хатоси)ни кечирдик. Унинг учун ҳузуримизда қурбат ва гўзал оқибат бордир.
Довуд алайҳиссаломнинг бу мақомдаги хатоси гуноҳ эмасдир, чунки пайғамбарлар алайҳимассалом гуноҳдан холи бўлишади. Аллоҳтаоло барча хатокор бандаларини афв қилгани кабиЎз пайғамбарининг беихтиёр қилган хатосини кечирди. Хатоларига дарҳол тавба қилгани учун Парвардигор пайғамбарини Ўзига муқарраб-яқин бандаларидан қилди, унинг учун гўзал оқибатни, жаннат мукофотини тайёрлаб қўйди. Мана шу лутфу марҳаматнинг ўзи ҳам Довуд алай-ҳиссалом ҳақида Бани Исроил тўқиган уйдирмалар мутлақо асоссиз эканига далилдир. Аллоҳга яқин бўлган бандалар асло гуноҳ ишлар қилишмайди, Аллоҳтаоло ҳузуридаги гўзал оқибатга мушарраф бўлган бандалар ҳам бундай ишларга қўл уришмайди, Парвардигорларига осийлик қилишмайди. Келгуси оятларда Аллоҳтаолонинг Довуд алайҳиссаломга айтадиган қуйидаги сўзлари ҳам одамлар орасида ҳукм чиқаришда ўта эҳтиёт бўлиш, бир томонни эшитибоқ хулоса чиқармаслик зарурлигини яна бир бор таъкидлайди.
26. Эй Довуд, дарҳақиқат Биз сени ерда халифа қилдик. Одамлар орасида ҳақ билан ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашмаки, яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга ҳисоб кунини унутганлари учун қаттиқ азоб бордир.
Аллоҳ таоло пайғамбари Довуд алайҳиссаломга хитоб қиляптики, эй Довуд, Биз сени ерда Ўзимизга ўринбосар қилиб танладик, шунинг учун одамлар орасида ҳукм чиқарганингда адолат ва ҳақ билан иш тут. Бу хитоб ҳазрати Довудга қаратилган бўлса-да, умуман барча ҳукмдорларга ва ҳокимларга танбеҳ-таъкиддир. Токи одамларга раҳбар этиб тайинланган шахслар ҳалқ ўртасида ҳақ ва адолат билан ҳукм юритишсин, ҳар бир ишда одилликни тарк этишмасин. Агар одамларга муносабатда адолат тарозилари бузилгудай бўлса, бунинг оқибати ўта хатарлидир. Инсон зоти аслида Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) ҳисобланади. Бу ҳақиқат бошқа оятларда ҳам таъкидлаб ўтилган. Ушбу оятда эса зиммасига одамлар орасида ҳукм қилиш масъулияти юкланган Довуд алайҳиссаломга ўхшаш инсонлар учун ўринбосарлик янада оғир ва масъулиятли вазифа экани алоҳида таъкидланмоқда.
Ҳавойи нафсга эргашиш инсонни йўлдан оздирадиган, бошқаларга муомалада ҳақиқат ва адолатнинг бузилишига сабаб бўлувчи хатарли иллатлардандир. Чунки одамлар орасида адолат билан ҳукм юритаман, деб ўзига ишонган ва ҳавойи нафсига берилган одамнинг Аллоҳнинг йўлидан адашишга дучор бўлиши аниқ. Бунинг эса оқибати ниҳоятда ёмон бўлиб, бундайларга қиёмат куни қаттиқ ва аламли азоб бордир. Ҳавойи нафсга эргашиш Аллоҳнинг йўлидан адашишга, бу эса, ўз навбатида, Аллоҳни унутишга олиб келади. Аллоҳ таоло Ўз лутфу инояти билан ўраб олган бандаларини эса, худди Довуд алайҳиссаломга нисбатан бўлгани каби олдиндан огоҳлантириб қўяди. Машҳур муфассирлардан Ҳофиз Ибн Касир ушбу ояти каримага оид маълумотлар ичида қуйидаги ривоятни ҳам келтиради: «Абу Заръа розияллоху анху халифа Валид ибн Абдулмаликнинг олдига кирди. Валид унга: “Менга айтчи, халифа ҳам ҳисоб-китоб қилинадими? Сен Қуръонни яхши ўргангансан, чуқур биласан”, деди. У: “Эй мўминларнинг амири, айтаверайми?” деб сўради. Валид: “Аллоҳнинг ҳимоясидасан, айтавер”, деди. Абу Заръа шундай деди: “Эй мўминларнинг амири! Аллоҳ учун сен ҳурматлимисан ёки Довуд алайҳиссолату вассаломми?! Аллоҳтаоло унга халифалик ва пайғамбарликни жамлаб берганидан сўнг унга Ўз китобида таҳдид қилиб: «Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик. Одамлар орасида ҳақ билан ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашмаки, яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга ҳисоб кунини унутганлари учун қаттиқ азоб бордир», деган».
27. Осмону Ерни ва улар орасидаги нарсаларни беҳуда яратмаганмиз. Бу куфр келтирганларнинг гумонидир. Куфр келтирганларга дўзахдан “вайл” бўлсин!
Осмон ва Ернинг яратилиши беҳикмат эмас, улар шунчаки мақсадсиз пайдо қилинган эмас. Уларнинг яратилишида чуқур илоҳий ҳикмат ва аниқ ирода мавжуд. Буларнинг яратилишида ҳамма нарсанинг Аллоҳ таолога боғлиқлиги, фақат Унга бўйсуниши, У жорий этган низом асосида ҳаракат қилиши ҳикмати намоён бўлиб турибди. Бу қонуният замирида борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси ва ёлғиз ҳукмдори Аллоҳнинг Ўзи экани, У махлуқотидан саналган инсонни Ер юзида ўзигаўринбосар қилгани ҳақиқати ётибди. Гап фақат одамлар орасида адолат билан ҳукм юритиш устида-гина бормаяпти, балки бундан ҳам катта, бундан кўра кенг миқёсли нарса ҳақида - бутун борлиқнинг бу дунёсию охирати ҳақида кетмоқда. Аллоҳушбу оятда осмон ва Ерни, улар орасидаги ҳамма нарсани бежизга яратмаганини айтиб, осмонлару Ерда ва улар орасидаги барча нарсаларда ҳақ қонун ҳукм суриши, одамлар орасида ҳукм юритишда ҳам илоҳий ҳақиқат устувор бўлиши кераклигини баён этмоқда. Бу ҳақиқатни тан олмаганлар эса, осмону Ер ва улар орасидаги нарсалар бехудага яратилган, деган бўлади. Куфр келтирган кимсаларнинг бутун борлиққа муносабати ана шу гумондан иборат. Уларнинг иддаосига кўра, осмон ҳам бехуда яратилган, Ер ҳам беҳуда яратилган, осмону Ер орасидаги бутун борлиқ ҳам беҳуда яратилган. Шунинг учун улар бу дунёда Аллоҳнинг айтгани бўйича эмас, ўзла-рининг ҳавойи нафслари хоҳлаганича яшаб ўтишади.
Демак, одамлар Аллоҳяратган нарсаларга нисбатан икки хил муносабатда бўлишади: имонли, солиҳ амал қилувчи ва тақводор кишилар Ҳақ таоло борлиқни ҳақ билан яратган деб ҳисоблайдилар ва бу дунёда Аллоҳнинг ҳақ кўрсатмаси билан яшайдилар. Куфр келтирган бузғунчи фожирлар эса буларнинг барчасини бекор деб билишади ва дунёда Аллоҳнинг ҳақ ҳукми асосида эмас, ўзларининг ботил низомлари асосида яшаб ўтишади. Кейингилар ана шу қилмишлари учун Парвардигорлари томонидан дўзах азобига гирифтор қилинади. Ояти каримадаги “вайл” дўзахдаги бир водийнинг номи бўлиб, у ердаги тошлар ҳам иссиқнинг зўридан сув каби оқиб кетаркан. Қуръони каримнинг кўпгина оятлари “вайл” сўзи ҳалокат маъносида ҳам келади. Аллоҳ таоло ушбу оятида Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига куфр келирган кимсаларга дўзахдаги ана шу азобнинг муқаррар жорий қилиниши ҳақида огоҳлантирмоқда. Қиёматда барча инсонлар Парвардигорлари ҳузурида тўпланган чоғларида ҳар кимга бу дунёда қандай яшаб ўтганига қараб муома-ла қилинади, тақво аҳлига жаннат мукофоти берилса, кофир кимсаларга дўзахдаги вайл водийсида ёниш азоби берилади.
28. Имон келтирган, солиҳ амаллар қилганларни Биз ерда бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик? Ёки тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!
Яъни, мўминлар билан кофирлар, яхшилар билан ёмонларга асло бир хил муносабатда бўлинмайди. Ҳар ким ўз қилмишига яраша мукофот ёки жазосини олади. Аллоҳнинг адолати ҳам шунда: У ҳеч бир бандасига зулм қилмайди, қилган солиҳ амалини мукофотсиз қолдирмайди, фожир, осий кимсаларга эса адолатли жазосини бермай қолмайди. Чунки куфр келтирувчи кимсалар борлиқ ҳақида, ундаги илоҳий низом ҳақида нотўғри гумонга боришади. Йўқ, куфр келтирганлар гумон қилганидек, ҳар ким хоҳлаган гуноҳ ишларини қилиб, сўнгра осонгина қутулиб кетавермайди. Дунёдаги ҳамма нарсанинг - имон билан куфрнинг ҳам, яхшилик билан бузғунчиликнинг ҳам ҳисоб-китоби бўлади. Агар куфр эгалари гумон қилганидай, мўмин ва бузғунчига, тақводор ва фожирга бир хил муносабатда бўлинганида илоҳий адолат бузилган бўларди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳаммага бир хил муомала қилинмаслигини, имон келтириб, солиҳ амал қилганларни охиратда олий мукофотлар билан мукофотлашини, Ер юзида бузғунчилик қилувчиларни эса дўзахга киритиб, қаттиқ азоблашини эълон этмоқда. Чунки мўминлар ва кофирларга бир хилда муносабатда бўлиш Аллоҳ таолонинг ҳикматига ҳам, адолатига ҳам тўғри келмайди. Итоаткор, тақводор банда мукофотланиши, осий, фожир кимса жазоланиши керак. Шунинг учун ҳам охират, қиёмат, ҳисоб-китоб бўлади. Чунки ҳамма тақводор ҳам ўзига яраша мукофотни бу дунёда тўлиқ олмайди. Адолат тўлиқ юзага чиқиши учун охират дунёси керак бўлади. Охиратда эса юқорида зикр этилганидек, ҳар кимга ўзига яраша муомала қилинади. Ана шуларни кишиларга баён қилиш учун эса, Аллоҳнинг охирги Китоби Қуръони карим нозил қилингандир.
29. (Эй Муҳаммад), Биз сизга муборак Китобни ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслатма олишлари учун туширдик.
Эй Пайғамбарим, одамлар орасида ҳақ билан ҳукм юритишингиз учун Биз сизга Қуръонни нозил қилдик, токи ақл эгалари унинг оятлари ҳақида тадаббур қилишсин ва ундаги панду насиҳатларни ҳаётларида дастурил амал қилиб олишсин. Чунки инсон дунёда ўрганиши зарур бўлган барча илмлар, дунё ва охиратнинг жамики баракаси ушбу Китобдадир. Ким икки дунёнинг саодатини кўлга киритишни истаса, Биз умматингизга нозил қилган ушбу муборак Китобга - Қуръонга амал қилсин. Ким икки дунёнинг баракасига мушарраф бўлишни хоҳласа, ушбу Қуръонни ўзига дастур қилиб олсин. Оқил кишилар Қуръон оятларини тадаббур билан қироат қиладилар - улар ҳақида чуқур тафаккурга борадилар. Ақлли кишилар Қуръон оятларидан эслатма оладилар. “Тадаббур” сўзи луғатда «мағзини англаш» деган маънони билдиради. Истилоҳда Қуръони каримни қироат қилишда унинг оятлари маъносини англаш, илғаш, тушуниш, у ҳақда тафаккур қилиш, қалб таскин-ором олиши учун англанганларга амал қилиш умумий номда «тадаббур» дейилади. Тадаббурсиз қироат қироат саналмайди. Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқиш вожибдир. Ҳасан Басрий айтдилар: «Сизлар Қуръон ўқишни қисмга бўлиб олгансиз, кечаларни эса туяга айлантириб олдингизлар. Бас, уни миниб қисмларни босиб ўтасиз. Сиздан аввалгилар эса Қуръонни Парвардигорининг рисоласи деб билиб, кечалари уни тадаббур қилар, кундузлари эса уни амалга оширардилар».
30. Довудга Сулаймонни ато этдик. У қандайин яхши банда! Дарҳақиқат, у юзланувчидир.
Ушбу ояти каримадан бошлаб Довуд алайҳиссаломнинг ўғли Сулаймон алайҳиссаломнинг қиссаси баён қилинади. Сулаймон алайҳиссалом отаси Довуд вафотидан кейин унинг ўрнини эгаллади. Сулаймон алайҳиссалом ҳукмронлик ва адолатда отасидан устун бўлса, Довуд алайҳиссалом Аллоҳга ибодатда ўғлидан устун эди. Аллоҳ таоло бу оятда бандаси ва пайғамбари Довуд алайҳис-саломга бошқа бир пайғамбари Сулаймон алайҳиссаломни ўғил қилиб берганининг хабарини бермоқда ва Сулаймон алайҳиссалом ҳақида “у қандайин яхши банда, у албатта Бизга қайтиб, тавба ва ибодат билан юзланувчидир” деган мақтов сўзларини айтмоқда. Сулаймон алайҳиссаломнинг фазилатлари ҳақида Аҳмад ибн Ҳанбал “Аз-Зуҳд” китобида шундай ёзади: “Сулаймон алайҳиссалом жуда камтар инсон бўлганлар. Умрлари охиригача ибодатни канда қилмаганлар. Доимо муҳтожларни қўллар, таомни улар билан бирга ердилар. Хурмо шохидан сават тўқиб сотар, арпа экиб, нонини ердилар. Ҳар ойнинг бошида олти кун, ўртасида уч, охирида уч кундан рўза тутардилар”.
31. (Эсланг), бир оқшом унга гижинглаган учқур отлар кўрсатилди.
“Сафинатул-жияд” жумласи турган жойида итоаткорлик кўрсатиб гижинглаган юввош, аммо ниҳоятда учқур отларни англатади. Сулаймон алайҳиссаломнинг катта салтанати ва улкан қўшини бўлиб, лашкарнинг аксариятини суворийлар ташкил қиларди. Аммо у киши буни завқ ёки кўнгилхушлиги ёки мақтаниш учун асрамас, Аллоҳнинг амрини адо этишда улардан фойдаланарди. Шунинг учун пайғамбар отларни яхши кўрарди. Бир куни оқшом яқинлаша-ётганида, асрдан кейинги пайтда Сулаймон алайҳиссаломга ниҳоятда гўзал ва гижинглаб турган учқур отлар кўрсатилди. У киши отларни завқ билан томоша қилди. Бу ҳолат бир муддат давом этганидан сўнг Сулаймон алайҳиссалом эсига бир нарса тушгандай бирдан сергак тортди.
32. Ва у айтди: «Албатта, мен Парвардигоримнинг зикридан кўра дунё ишқига берилиб кетиб, ҳатто (қуёш) парда ортига беркинибди-ку;
Тафсир китобларида келишича, отларнинг адади мингта эди, ҳазрати Сулаймон уларни томоша қилиш билан машғул бўлиб, аср намозини унутиб қўйди. Намозни қасддан тарк этмаган бўлса ҳам қилган ишидан қаттиқ хафа бўлиб, изтиробга тушди. «Дунё матоҳлари бўлмиш отларга қизиқиб кетиб, намоз вақтини ўтказиб юборибман, улар диққатимни Парвардигорим зикридан чалғитибди. Отларга берилиб кетиб, қуёшнинг парда ортига ўтиб кетганини - ботганини ҳам сезмай қолибман», деди.
33. Уларни менга қайтаринг!» Сўнгра уларнинг оёқ ва бўйинларини «силай» бошлади!
Отлар шунақанги чиройли эдики, Сулаймон алайҳиссалом ҳам от ишқибозлари каби беихтиёр уларнинг ёлини тараб, олд оёқларини ва бўйинларини силай бошлади. Бир вақт қараса, қуёш ботиб, аср намози кечикибди. Шундан кейин у ўзига келиб, қилган хатосини тузатишга киришди. «Эътиборимни олиб қўйган ва намоздан машғул қилган ўша отларни менга қайтариб олиб келинглар», деди. Диққат-эътиборини бир муддат Аллоҳнинг зикридан чалғитгани учун бу отларни Аллоҳ йўлида қурбонлик қилай, деб уларнинг боягина завқ билан силаб турган бўйни ва оёқларини энди бошқачасига “силай” бошлади, яъни кеса бошлади. Шу тариқа Аллоҳнинг фарзини адо этишдан тўсган отларнинг барини сўйиб, гўштини садақа қилиб юборди.
34. Сулаймонни имтиҳон қилдик. Унинг тахтига жасадни ташладик. Сўнгра у тавба қилди.
Ушбу ояти каримада зикри келган имтиҳон қандай эди? Тахтга ташланган жасад кимники бўлган? Бу саволларга бошқа оятларда ҳам, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам очиқ-ойдин жавоб йўқ. Шунинг учун ҳам бу борада турли асоссиз қисса ва ҳикоялар кўпайиб кетган.
35. У: «Парвардигорим, мени магфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига берилмайдиган салтанатни ҳадя этгин. Албатта, сен кўплаб неъмат берувчисан», деди.
Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳнинг имтиҳонидан шараф билан ўтди, хато қилган заҳоти уни бўйнига олиб, дарҳол тавбага шо-шилди. Парвардигорига ёлбориб, гуноҳларини мағфират қилишини, ўзидан кейин бирор киши муяссар бўлмайдиган салтанат ҳадя этишини сўради. Арабларда «Яхши бандаларнинг яхши амаллари муқарраблар (Аллоҳга яқин бандалар) учун ёмонлик ҳисобланиши мумкин» деган чиройли бир ҳикмат бор. Худди шу каби Сулаймон алайҳиссаломдек зотнинг отларга завқланиб қараб қолишлари, бир марта «Иншааллоҳ» демай гапириб қўйишлари ўзлари учун оғир мусибат бўлиб кўринган. Шунинг учун у киши Парвардигордан мағфират сўрашга шошилган.
Аллоҳ таолодан мағфират сўраш учун катта бир гуноҳни қилиш шарт эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аввалгию охирги гуноҳларини Аллоҳ таоло кечирган бўлишига қарамай, доимо истиғфор айтиб юрар эдилар. Шу каби Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзидан кейин ҳеч кимга насиб қилмаган салтанат беришни сўраши ҳам асло қизғанчиқлик ёки худбинлик қабилидаги тилак эмас эди, балки бу тилак билан у ўзига хос бир мўъжиза бўлишини, подшоҳлиги ўзидан кейин келадиган ҳар қандай салтанатдан ажралиб туришини орзу қилди, холос. Аллоҳ таоло у зотнинг дуосини қабул этди ва сўраганидек подшоҳликни қайтариб берди.
36. Шунда унга шамолни бўйсундирдик, унинг амри билан у истаган томонга майин эсаверади.
Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга шамолни ҳам бўйсундириб, хизматкор қилиб қўйди. Парвардигори унга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик масофани босиб ўтадиган шиддатли шамолни бўйсундириб, у хоҳлаган томонга эсадиган майин шамолга айлантириб қўйган эди. Одатда бошқа табиий ҳодисалар қатори Аллоҳ таоло шамолни ҳам маълум шарт-шароитларга боғлиқ қилиб қўйган. Шундай шароитлар вужудга келгандагина шамол эсади, шароит бўлмаса, қилт этмай туради. Бундай ҳол ҳамиша так-рорланаверганидан одамлар шамолнинг эсишини ўша шарт-шароитларга боғлаб олиб, унинг ҳақиқий эгаси бўлмиш Аллоҳни унутиб қўядилар. Агар Аллоҳ хоҳласа, шамолни кучайтириб, катта зарар келтирадиган бўрон-довулга айлантириши, агар истаса, жазирама иссиқда таналарга роҳат бағишлайдиган ёқимли майин шабадага айлантириши мумкин. Ушбу оятда зикр этилганидай, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Сулаймон алайҳиссаломга шиддатли шамолни ҳам бўйсундириб қўйди. Унинг амри билан шамол пайғамбар хоҳлаган вақтида хоҳлаган томонига эсар эди. Яъни, ўша шамол Сулаймон алайҳиссаломнинг амри билан Аллоҳ муборак қилиб қўйган ерга, яъни Шоми шарифга эсадиган бўлди. Бу иш Аллоҳ таолога жуда осондир. Чунки Сулаймон алайҳиссалом ҳам, шамол ҳам Аллоҳ яратган махлуқдир, Аллоҳнинг ҳукми ва иродаси остидаги мавжудотлардир. Шулардан бирини иккинчисига бўйсундириб қўйиш Аллоҳ таоло учун мутлақо қийин иш эмас.
37. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам.
Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга яна жин ва шайтонлар устидан ҳукмронликни ҳам берган, бу махлуқларини Ўзининг пайғамбарига бўйсундириб қўйган эди. Аллоҳнинг пайғамбари улардан баъзиларини инсон ақли бовар қилмайдиган, оддий одамларнинг қудрати етмайдиган улкан қасрларни қуришга мажбур қилиб қўйган бўлса, денгиз тубига шўнғийдиган ғаввос жинларни сув остидан дур ва маржонлар, бошқа бойликларни топиб чиқишга қўйган эди.
38. Ва бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда (бўйсундирдик).
Яъни, бошқа ўзбошимча шайтон-жинларни кишанлаб, иккита-иккитадан ёки кўпроқ ҳолда бир-бирига қўшиб, Сулаймон алайҳисса-ломга бўйсундирилган эди. Улар Сулаймон алайҳиссалом хоҳлаган ишларни бажо келтиришарди. Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоху алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлиб: «Дарҳақиқат, менга шайтон кўринди. Намозимни бузмоқчи бўлиб, менга ташланди. Аллоҳ менга уни таслим қилиб берди, уни бўғиб олдим. Тонг отиб, уни кўришингиз учун бир устунга боғлаб қўймоқчи бўлдим-у, Сулаймон алайҳиссаломнинг «Роббим, менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган подшоҳликни ҳадя қилгин» деган сўзини эслаб қолдим. Аллоҳуни (шайтонни) хору зор қилиб қайтарди», дедилар» (Бухорий ривояти).
39. Бу Бизнинг ато этганимиздир. Эҳсон қил ёки ушлаб қол, ҳисоб қилинмас.
Шундан кейин Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга шундай хитоб қилди: «Мана шу зикр қилинган нарсалар Биз сенга ато этган ҳисобсиз неъматларимиздир. Энди ихтиёр ўзингда: улардан хоҳлаганингча фойдалан. Хоҳласанг, улардан бошқаларга ҳам эҳсон-инъом қил. Хоҳласанг, бошқаларга бермай, ўзингда ушлаб қол. Нима қилсанг ҳам, сенга бу борада сира ҳисоб-китоб йўқдир».
40. Унинг учун ҳузуримизда албатта яқинлик ва гўзал оқибат бордир.
Аллоҳ таоло имон келтириб, ҳар ишда ҳамиша Парвардигорига юкунган тақволи бандаларини ажру савоблар билан сийлаб, Ўзига яқин (муқарраб) бандалардан ҳисоблайди. Улар учун охират дунёсида гўзал оқибатни, яъни жаннатдаги абадий роҳат ва фаровон ҳаётни тайёрлаб қўйган. Ушбу суранинг 25-оятида қилган салгина хатоси учун дарҳол тавбага шошилган Довуд алайҳиссаломни Аллоҳ азза ва жалла қандай мукофотлаган бўлса, ушбу оятда Довуднинг ўғли Сулаймон алайҳиссаломга ҳам охират дунёсида гўзал оқибат борлигининг хабарини бермоқда. Бу эса Аллоҳ таолонинг Сулаймон алайҳиссаломга ато этган улуғ мақоми, иззат-икроми ва тақдирлашидир.
41. (Эй Муҳаммад), Бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «Мени шайтон машаққат ва азобга тутди», деганини эсланг.
Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламга ибрат сифатида бошқа бир пайғамбари Айюб алайҳисса-лом қиссасини эслатмоқда. Айюб алайҳиссалом Шом ва Ўрдунга қарашли Басония ўлкасида яшаб ўтган пайғамбардир. Аллоҳ таоло унга неъматларини тўкис қилиб берганди: Басониядаги тоғлару водийлар, беҳисоб туя, сигир, от ва ва бошқа кўплаб нарсалар унга тегишли эди. У ҳам Аллоҳ таоло томонидан танланиб, унга пайғамбарлик ато қилинган эди. Айюб алайҳиссалом ҳам Иброҳим алайҳиссалом каби тавҳид динини тарғиб қилган. Аллоҳ азза ва жалла Айюб алайҳиссаломни синовга учратди: бирданига ҳамма нарсасидан мосуво бўлиб, ўзи оғир дардга чалинди. Аммо шуларга қарамай, у Аллоҳнинг синовига сабр билан дош берди: Унга сано айтиб, ибодат қилишдан, берганларига шукр айтиб, олиб қўйганларига сабр қилишдан бўшамади. У тамоман бирор дўст ва ҳамкорсиз қолганда ҳам саждага бош қўйиб, Аллоҳга ёлборишда давом этаверди, Унинг меҳрибонлиги ва раҳматидан умидвор бўлди. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломнинг сабрига яраша уни гўзал мукофот билан тақдирлади ва унинг сабри бутун инсониятга ибрат ўлароқ тарих зарварақларига абадий муҳрланди. Бошқа пайғамбарларга қилингани каби Айюб алайҳиссаломга ҳам куракда турмайдиган туҳмат-бўҳтонлар тўқилиб, ҳатто буларнинг айримлари, минг таассуфки, тафсир китобларига ҳам кириб қолган. Мусулмон уммати учун пайғамбарлар қиссаларидаги ортиқча ва ўринсиз тафсилотлар эмас, воқеанинг моҳияти ва ибрати муҳим бўлгани учун бизларга энг тўғри йўл Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда келган хабарлар билан кифояланишдир. Айюб алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаси, танлаб олган пайғамбари бўлгани учун Аллоҳ таоло уни ҳам синовга солган. Ушбу ояти каримада Ўзининг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг умматларига ибрат, тасалли бўлиши учун ўша синов ҳақида хабар бермоқда. Айюб алайҳиссалом ҳамма нарсанинг Аллоҳ таолодан бўлишини яхши билса ҳам, бошига тушган кўнгилсизликларни одоб юзасидан шайтонга нисбат берди. Шунингдек, бу шикоят билан мухлис кишиларини шайтон васвасага солаётганига, бундан ўзлари ҳам озорланаётганларига ишора қилди.
42. «Оёғинг билан тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув», дедик).
Аллоҳ таоло ҳазрати Айюбга оёғи билан ерни тепишни буюрди. У Парвардигорининг амрига итоат этиб, оёғи билан ерни тепган эди, ўша жойдан сув отилиб чиқди. Шунда Аллоҳ таоло мазкур сувнинг фойдаларини васф қилиб берди: бу ҳам чўмилса бўладиган, ҳам ташналикни қондирадиган шифобахш сувдир, унда бемалол чўмилишинг, ичиб чанқоғингни қондиришинг мумкин. Муфассир уламолар ушбу оятдаги бир нуктага эътиборни қаратишади: Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига тайёр чиқиб турган сувни рўпара қилмай, ерни ўзи тепишни буюрди. Бундан шундай ҳикмат аён бўладики, Аллоҳ таоло бандаларига ҳаракат қилмай ётишса ҳам ҳамма нарсани тайёр қилиб бермайди, балки уларнинг саъй-ҳаракатлари, интилишлари билангина рўёбга чиқаради. Ҳаракат қилгандан эса Ўз ёрдамини ва марҳаматини дариғ тутмайди. Шунинг учун банда ҳар бир ишида, жумладан, дардига даво излашда ҳам Аллоҳдан ёрдам тилаган ҳолида ўзи ҳаракат қилиши керак.
43. Биз Ўзимиздан марҳамат кўрсатиб, оқилларга ибрат бўлиши учун унга аҳлини ва уларга қўшиб яна шунчани ҳадя этдик.
Айюб алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан чиққан сувда чўмилди, ундан ичиб, шифо топганидан кейин Аллоҳ таоло у кишига аҳли-оиласини қайтариб берди. Уларга қўшимча қилиб, яна шунча аҳли-оилани ҳам берди. Айюб алайҳиссаломга оила аъзоларининг қайтадан берилиши ва яна шунча миқдорда уларнинг кўпайтириб берилиши Аллоҳ таолонинг пайғамбарга раҳматидир. Шунингдек, бу воқеада ақл эгалари учун эслатма ва ибрат бор. Бу ҳодисадан хулоса чиқарган ҳар қандай ақлли киши бошига бало-офат ва мусибат келганида Айюб алайҳиссалом каби гўзал сабр қилишни, охир-оқибат Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлишни эслайди, бундан ибрат олади. Шу тариқа Айюб алайҳиссалом соғайиб кетди, аҳли-оиласи ҳам икки баробар бўлиб қайтди. Энди яна бир муаммони ечиш қолган эди. Пайғамбар Айюб алайҳиссаломга синов келиб, энг оғир дамларни бошдан кечираётганида ихлос билан эрининг ёнида турган вафодор хотинини имкон топганда юз марта хипчин уришга қасам ичиб қўйган эди, энди ўша қасамга амал қилиш қолганди. Бу мушкул ишни қандай ҳал этишни билолмай унинг боши қотди. Шундай вафодор ва мухлиса аёлни, оғир ва машаққатли лаҳзаларда елкадош бўлган, бало-офатларни бирга тотишган инсонни мушкули ариганидан кейин юз хипчин уриш керак. Дарҳақиқат, бу оғир муаммо эди. Лекин Аллоҳ таоло Ўз раҳмати билан бу муаммони ҳам ҳал этишда ёрдам берди.
44. «Кулингга бир боғламни олда, ўша билан ур, қасамингни бузма». Дарҳақиқат, уни сабрли топдик. У нақадар яхши банда! Ҳақиқатан у Бизга юзланувчидир.
Олтинхон тўра тафсирида зикр қилинишича, бир куни Айюб алайҳиссаломнинг хотини бемор эрининг хизматига кечикиб келди ва бундан озорланган пайғамбар “агар яхши бўлиб кетсам, унга юз хипчин ураман” деб қасам ичди. Энди яхши бўлиб, хасталикдан қутулганида ўша ичган қасами эсга келди. Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг синовини жуда ҳам гўзал сабр билан қарши олган Айюб алай-ҳиссалом афтидан мол-дунё, саломатлик қатори аҳли-аёл борасида ҳам имтиҳон қилинганга ўхшайди. Пайғамбар бу синовларнинг барчасига сабр қилиб, бирор лаҳза ҳам Аллоҳдан узилмади, Унга бўлган ишончи сусаймай, розилигини тилаб тураверди.
Бошқа тафсирларда баён қилинишича, шайтон эса машаққатли синов пайтида Айюб алайҳиссалом билан бирга қолган барча мухлис кишиларни васваса қилар эди. Ўшалар ичида у зот алайҳиссаломнинг хотини ҳам бор эди. Ана шу аёлга ҳам турли томондан васваса қилинарди. Унга «Агар Аллоҳ Айюбни яхши кўрганида, уни балога гирифтор этмас эди» дейиларди. Бу гаплар Айюб алайҳис-саломга ҳам етиб келди. Хотини шу маънодаги гапни айтганида у киши имкон топганида аёлини юз марта уришга қасам ичди.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга қасамини қандай адо этишни ўргатмоқда: қасамингни бузмаслик учун қўлингга новдаларнинг бир боғламини олгин ва ўша билан хотинингни ур, шунда қасамингга содиқ қолиб, уни адо этган бўласан”. Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарига бунчалар катта лутфу марҳаматлар кўрсатганининг сабаблари шуки, у Парвардигорининг бир неча синовларига учраганида уларга чиройли сабр қилди, бу сабри эвазига Аллоҳ ҳузурида яхши бандалар қаторида зикр қилинди. Лутфу марҳаматларнинг яна бир сабаби, у хатосини тан олиб, дарров Парвардигорига юзланди,тавбага шошилди, Аллоҳга бўлган ишончини сусайтирмади, бир лаҳзага бўлса ҳам Унинг розилигини топишдан умидини узмади.
45. (Эй Муҳаммад), қувват ва ақл-заковат соҳиблари бўлган бандаларимиз Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубни эсланг.
Юқоридаги ояти карималарда Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Довуд, Сулаймон ва Айюб алайҳимуссаломнинг қиссалари баён этилганидан кейин энди Аллоҳ таоло охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга тасалли ва таскин беришни ирода қилиб, яна бир неча пайғамбарнинг мухтасар қиссасини зикр этмоқда. Эй Муҳаммад, бандаларимиз - Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубни эсланг. Улар қўллар (қувват) ва кўзларнинг (ақл-заковат) эгалари эди, яъни улар ибодатда бакувват, дин борасида заковатли эдилар. Уларнинг ҳаётларида ҳам қийинчиликлар, машаққатлар ва синовлар бўлиб ўтган, қавмлари уларга кўплаб озорлар етказган. Аммо барчалари синовларга чиройли сабр қилиб, рисолатимизни қавмларига сабот билан етказишган.
46. Биз уларни тоза хислат - (охират) диёрини эслаш билан покладик.
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз юқорида зикр этилган пайғамбарларга - Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳимуссаломга хос бир хислатни ато этдик, яъни ҳамиша охират диёрини, жаннат ҳаётини эслаш хислатини бериб, уларни покладик. Улар дунё ҳаётининг турли фитна ва жозибаларига алданишмади, лаззатларидан кўз юмишди, бир лаҳза ҳам охиратни унутишмади. Уларнинг ўзларигина бу йўлдан бориб қолмай, бошқаларни ҳам охират учун тайёргарлик кўришга чақиришарди. Шунинг учун ҳам Парвардигорлари бу пайғамбарларни улуғлаб, бошқаларга насиб этмаган олий даражаларга кўтарди. Оятдаги “аддар” сўзи луғатда “уй, маскан” маъноларини англатса-да, Қуръони каримда ушбу калима аксари ҳолларда “охират диёри, охират олами” маъноларида ишлатилади. Бундан аён бўладики, биз яшаб турган бу дунё инсоннинг асл ватани саналмайди, балки албатта кўчиб ўтиладиган охират дунёсига кетишдан олдинги бир мусофирхонадир.
47. Яна улар ҳузуримизда танланган яхшилардандир.
Кофир ва мушрик кимсалар бу пайғамбарларимиз ҳақида қандай туҳмат ва бўҳтонларни тарқатишмасин, уларни бадном қилиш учун қандай ҳийлалар қилишмасин, Парвардигорингиз уларни инсонлар ичидан танлаб олган, уларни гуноҳлардан маъсум қилган, улар фақат яхшилик билан ном чиқарган баобрў ва ҳурматга сазовор бандаларимиздандир.
48. Исмоил, Алясаъ ва Зулкифлни ҳам эсланг, барчалари ях-шилардандир.
Аллоҳ таолонинг бу уч пайғамбари ҳаётида ҳам ибрат ва насиҳат олинишга лойиқ воқеалар бўлиб ўтган. Улар ҳам Аллоҳнинг ҳузурида ахёр - энг яхши бандалардан бўлишган. Исмоил алайҳиссалом улул-азм пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломнинг жорияси Ҳожардан туғилган ўғли бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом она-болани кимсасиз саҳрога ташлаб келгани, замзамнинг чиқиши, кейинчалик Аллоҳнинг амри билан ўғлини Парвардигори йўлида қурбонлик қилмоқчи бўлгани, ота-бола Аллоҳнинг Уйи Каъбани тиклаганлари каби воқеалар Исмоил алайҳиссалом билан боғлиқдир. Яна бир пайғамбар Алясаъ алайҳиссаломнинг насаби Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳимассаломга боғланади. Баъзи олимлар, масалан Ибн Асокир унинг Илёс алайҳиссаломнинг амакиваччаси ҳам дейишади (“Тарих”, 2-жилд, 4-бет). Унинг зикри Анъом ва Сод сураларида келган. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломдан сўнг Бишр ибн Айюбни пайғамбар қилиб юборди ва унга Зулкифл деб исм берди. Зулкифл алайҳиссалом Шомда инсонларни тавҳид динига даъват қилган. Аллоҳ азза ва жалла охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг умматига хитоб қилиб, ушбу пайғамбарларининг ҳаётидан, Аллоҳ йўлидаги курашишларидан, дин йўлидаги фидокорликларидан, бало-офатларга, машаққатларга сабрларидан, турли синовларга бардошларидан, кофирлар, мушриклар ва мунофиқлардан келган озорларни кўтара билишларидан ибрат-ўрнак олишни буюрди.
49. Бу бир эслатмадир. Тақводорлар учун эса албатта гўзал қайтар жойи бор;
Бу пайғамбарларга эргашган, уларнинг йўлини танлаб, фақат Аллоҳга имон келтирган солиҳ бандаларимиз учун ушбу пайғамбарларнинг Қуръони каримда зикр қилинаётган қиссалари барча замон ва маконлардаги умматлар учун ибрат оларли бир эслатмадир. Аллоҳдан қўрқувчи, Унинг амрида юрувчи, қайтарган ишларидан четда бўлувчи тақволи бандалар учун эса охиратда гўзал қайтиш жойи, яъни неъматларга, роҳат-фароғатларга тўла жаннат боғлари бордир.
50. улар учун дарвозалари очиқ мангу жаннатлардир.
Аллоҳ таолонинг тақводор бандалари учун аталган Адн, яъни мангу яшаладиган жаннатларнинг дарвозалари Парвардигоридан қўрқувчи ана шундай бандалар учун ҳамиша ланг очиқ бўлади. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу шундай сўзлаб берган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга дедилар: «Бу кеча менга иккитаси келди. Иккови мени турғизди. Олтин ғишт ва кумуш ғиштлардан қурилган бир шаҳарга етиб келдик. Хилқатларининг ярми сен кўрган энг гўзал шаклда, бошқа ярми эса сен кўрган энг хунук шаклда бўлган кишилар бизни қарши олишди. Иккови уларга: «Бориб, анави анҳорга тушинглар», дейишди. Улар унга тушишди. Кейин олдимизга қайтиб келишди. Улардан ҳалиги ёмонлик кетиб, энг гўзал суратда бўлиб қолган эдилар. Иккови менга: «Мана шу Адн жаннатидир. Ҳов анави сизнинг манзилингиз. Ярми гўзал, ярми хунук бўлган қавмга келсак, улар солиҳ амал билан ёмон ишни аралаштириб юборганлардир. Аллоҳ улардан ўтиб юборди», дейишди» (Бухорий ривояти). Бундай гўзал оқибат фақат тақводорлар учундир. Тақво Аллоҳ таолодан қўрқиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан тийилишдир. Бундай хислат соҳиби тақводор (муттақий) саналади. Тақводорлик шунчалик улуғ фазилатки, Қуръони каримнинг жуда кўп сураларида Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига тақво қилишга, Ўзидан қўрқишга, Ўзи ман этган нарсалардан четланишга буюради. Улуғлардан Толқ ибн Ҳабиб тақвони шундай таърифлаган: «Тақво - Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, унинг нури ила Унга тоат қилмоқ ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, унинг нури ила У қайтарган ишларни тарк этмоқдир».
51. Улар жойларида ёнбошлаган ҳолда кўплаб мева ва шароблардан чақиришади.
Тақволи жаннатийлар Адн (мангулик) жаннатидаги сўриларда ёнбошлаган ҳолларида кўнгиллари истаган турли-туман мева-чева ва шароблардан чақиришганда ҳамиша хизматларига ҳозиру нозир жаннат ходимлари шу заҳотиёқ олиб келишади. Жаннатийлар бу мева ва шаробларни эҳтиёжлари тушганидан эмас, улардан лаззат олиш учун, янада кўпроқ ҳузурланиш учун чақиришади. Ҳолбуки, жаннатда оч қолиш ҳам, чанқаш ҳам бўлмайди.
52. Улар ҳузурида назарини тийган тенгқурлар бордир.
Аллоҳ таолонинг тақволи бандалар учун жаннатда тайёрлаб қўйган неъматларидан бири у ердаги оҳу кўзли ҳурлардир. Булар ёшда ҳам, ҳусн-жамолда ҳам тенгқур бўлган соҳибжамол маҳбубалар бўлиб, улар ўз жуфтларидан бошқа бирор кимсага назар солишмаган, бошқаларнинг назари ҳам уларга тушмаган. Улар фақат тақводор жаннатийларга хослаб қўйилган.
53. Булар сизларга Ҳисоб куни учун ваъда қилинган нарсалардир.
Яъни, юқоридаги оятларда зикр қилинган мангу жаннат, ундаги турфа мева-чевалар, хуштаъм шароблар, хожасидан бошқа ҳеч кимга назар солмайдиган оҳу кўзли ҳурлар - буларнинг ҳаммаси Ҳисоб куни, қиёмат куни учун ваъда қилинган неъмат ва атолардир. Булар тақволи бандаларга, Аллоҳнинг динини ёйиш йўлидаги машаққат ва озорларга сабр қилган даъват кишиларига атаб қўйилган нарсалардир.
54. Албатта, бу Бизнинг ризқимиздирки, улар асло тугамайди.
Яъни, фақат Биздан қўрқувчи бандаларимиз учун ваъда қилган ризқ (жаннат) ваундаги неъматларимиз асло тугамайди, балки жаннатийлар эҳтиёжига кўра ҳамиша тайёр тураверади. Бу ризқ доимий ва абадийдир, туганмасдир. Аллоҳ таоло тақводор бандаларга берадиган олий мартабалар, ноз-неъматлар ва роҳат-фароғатлар васф қилиниб бўлгач, бундан кейин келадиган оятларда фосиқ ва фожирларга охиратда бўладиган муносабат ҳақида сўз юритилади.
55. (Ҳақиқат) шудирки, туғёнга кетувчилар учун ёмон оқибат -
Аллоҳ дўзахни кофирлар ва гуноҳкор бандаларини жазолаш учун яратган. Ким дўзах азобига ҳукм қилинса, ўша кимсани бу азобдан ҳеч ким қутқара олмайди. Аллоҳнинг пайғамбарлари осий бандаларни дунё ҳаётида дўзах азобидан қаттиқ огоҳлантиришган ва у осийлар учун энг ёмон оқибатдир. Дўзахдаги азоб-уқубат ва қийноқлар биргина таъриф-тавсиф билан тугамайди. Қалбида Аллоҳга имони бўлган бандалар гуноҳлари эвазигажаҳаннамда маълум вақт азобланганидан кейин имонлари шарофатидан дўзахдан чиқарилиб, жаннатга ўтказилади. Аммо кофир ва мушриклар жаҳаннамда абадий қолади. Дўзах ва унинг сифати, ундаги азоб-қийноқлар Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда батафсил зикр этилган.
56. дўзах бордир. Унга киришади, у кўп ёмон маскандир.
Туғёнга кетиб, ҳаддан ошган, дунёдан кофир, мушрик, мунофиқ ва осий бўлиб ўтганларнинг оқибати дўзахдаги қийноқ ва хорликлар билан хотима топади. Дўзахнинг қандайин ёмон жойлиги ва унда осий қавмлар учун қандай азоб-қийноқлар тайёрлаб қўйилгани ҳақида Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар бор. Куфр ва ширк эгаларининг охиратдаги ҳолати ўта аянчлидир. Улар дунёдаги қабиҳ қилмишлари, имонсизликлари эвазига охиратда дўзах азобига гирифтор бўлишади. Аммо қалбида заррача имони ёки яхшилиги бўлган бандалар дўзахда маълум муддат азобланганидан сўнг у ердан чиқарилиб, жаннатга киради. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деган, қалбида арпа дони вазнича яхшилик бўлган киши дўзахдан чиқади. «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деган, қалбида буғдой дони вазнича яхшилик бўлган киши дўзахдан чиқади. «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деган, қалбида тариқ вазнича яхшилик бўлган киши дўзахдан чиқади», дедилар» (Бухорий ривояти).
57. Мана бу қайноқ сув ва йиринг, уни тотиб туришсин;
Дўзахийлар иссиқ тафтидан ташналик азобини чекиб, бир қултум сувга зор бўлиб туришганида уларга қайноқ сув ва йиринг берилади, “Мана буни тотиб туринглар!” дейилади. Юқоридаги оятларда зикр қилинганидек, Аллоҳдан қўрқувчи тақволи бандалар Адн жаннатига кириб, роҳат-фароғат оғушида бўлишганида, Аллоҳга осийлик қилганлар, туғёнга кетганлар дўзахда азобланишга гирифтор бўлишади. Энди солиштириб кўринг: дунё ҳаётида Аллоҳнинг амр-фармонларини бажариб, Ундан қўрққан ҳолда имон билан ўтганлар учун тайёрлаб қўйилган мангу роҳат жойи жаннат яхшими ёки куфр йўлини танлаган пешволарга эргашиб, Парвардигорга итоатсизлик кўрсатганлар учун тайёрлаб қўйилган мангу азоб жойи дўзахми? Тақволи бандалар жаннат роҳати устига турли-туман мевалар ва шароблардан тотиб, ҳузур устига хузур узра бўлишса, туғёнга кетувчилар дўзахдаги чидаб бўлмас азоб устига ташна ҳолларида қайноқ сув ва йиринг тотиб, азоб чекишга мажбур бўлишади.
58. ва шунга ўхшаш бошқа (азобларни) ҳам.
Яъни, кофир ва мушрик кимсаларнинг дўзахдаги азоб ва қийноқлари фақат шулар билангина чекланиб қолмайди. Ушбу оятда зикр қилинган азобга ўхшаш бошқа бир қанча азоблар ҳам бор. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шундай ҳадислари бор: “Қиёмат кунида дўзах аҳли тортадиган азобнинг энг енгили - у ўтдан кавуш кияди ва кавушнинг ҳарорати миясини қайнатади” (Бухорий ва Муслим ривояти). Дўзахийлар бу азоб жойига шиддат билан кетма-кет кириб боришаверди. Шунда дунёда пешволик қилиб, уларни ўзларига эргаштирганлар ортидан келганларни маломат қилишни бошлаб юборади.
59. «Мана бу сизлар билан бирга кирувчи жамоадир»; «уларга «марҳабо» йўқ, улар ҳақиқатан дўзахга кириб куювчилардир».
Яъни, дўзахга биринчилардан бўлиб кирган пайтларида кофирларнинг пешволарига бу дунёда уларга эргашган кимсалар кўрсатилади ва “Мана бу жамоат сизлар билан бирга дўзахга киради ва унда куйишга маҳкумдир” дейилади. Уларга ҳеч ким “марҳабо, хуш келдингиз!” демайди, улар пешволарининг ортидан кўрга ўхшаб эргашиб, дўзахга тушиб кетишади. Пешволар эса уларга ёрдам бериш, жонларига ора кириш ўрнига уларга кесатиб: “Сизларни бу ерда ҳеч ким кутмаяпти, сизларга “марҳабо” дейиш ҳам, салом ҳам йўқ, сизлар учун дўзахдан бошқа кирадиган жой ҳам йўқ. Энди сизлар ҳам биз каби дўзах оловида куйишга мубталосизлар”, дейишади. “Марҳабо” йўқ” деган жумла арабларда ҳақоратлаш маъносидадир. Бу ўринда эса йўлдан урувчи ва унга алданувчи икки тарафнинг бир-бирини гуноҳларда айблашини англатади.
60. Улар: «Йўқ, ўзларингизга «марҳабо» йўқ! Бизга уни сизлар келтирдинглар, у нақадар ёмон қароргоҳ!» дейишади.
Дунё ҳаётида кофир пешволарга эргашиб юрганлар уларнинг ортидан дўзахга кираётиб шундай дейишади: “Бизларга кесатмай қўяқолинглар, ўзингизга “марҳабо” йўқ, бу азобларнинг бошимизга келишига сизлар сабабчи бўлдинглар, шунинг учун мана шундай абадий азоб жойи бўлган, инсонлар учун энг ёмон қароргоҳ бўлган дўзахга киришимизда сизларни айблаймиз. Дунёда сизларнинг гапингизга кириб, имондан юз ўгирган, пайғамбарларни ёлғончига чиқарган, Аллоҳнинг амрларини инкор қилган эдик, мана энди ўзларингизни ҳам, бизларни ҳам дўзахда куйишга бошлаб кетяпсизлар.
61. Улар: «Парвардигоро, ким бизларга буни келтирган бўлса, унга дўзахда азобни икки баробар кўпайтиргин!» дейишади.
Ҳақ йўлдан адашган кимсалар дўппилари тор келиб қолганида ҳамиша бир-бирларини айблашга тушиб кетишади. Яъни, пешволарига эргашиб, ҳақ йўлдан юз ўгирганлар қарашсаки, бизларни Аллоҳнинг азобидан қутқариб қолишади, деб ишониб юрганларининг ўзлари охиратда ночор ва абгор ҳолда туришибди. Ёрдам бериш у ёқда турсин, ўз жонини илоҳий азобдан қутқара олмай доғда қолишган. Шунда уларга эргашиб, дўзахдаги азобдан бошқа нарсага эриша олмаган эргашувчилар ўша пешволарига икки баробар азоб бўлишини сўраб, Аллоҳга дуо қилишади. Пешволарнинг ўзи кофир ва осий бўлишгани учун бир баробар, бошқаларни ҳам адаштириб уларнинг дўзахга тушишига сабабчи бўлгани учун яна бир баробар, жами икки ҳисса азоб берилишини исташади.
62. Ваулар айтишади: «Бизларга нима бўлдики, ёмонлардан деб санаб юрган одамларни кўрмаяпмиз;
Дўзахда бир жойга жамланиб қолган пешволар ҳам, уларга эргашиб адашганлар ҳам бу азоб ва қийноқ жойида бир-бирларига шундай савол билан юзланиб қолишади: “Дунёда ёмонлардан деб ҳисоблаб юрган одамларимизни, яъни Аллоҳга имон келтириб, Унинг амр-фармонида турган, бизларнинг ҳийла-найрангларимизга учмаган мўминларни нега дўзахда кўрмаяпмиз? Ҳолбуки, улар ҳам бизлар билан бирга бўлиши керак эди-ку!”
Олтинхон тўра тафсирида келишича, Абу Жаҳл каби бадбахтлар мусулмонларни ўзлари билан бирга дўзахда кўришмагач бу каби сўзларни айтишади. Чунки улар дунёда ўзларини жаннатга кирамиз деб ўйлашар, мусулмонларни эса дўзахга тушади, деб ишонишар эди. Дўзахга ўзлари тушиб, атрофларида мусулмонларни кўрмагач, ана шундай довдираб қолишади.
63. ё уларни масхара қилганмидик ёки кўзларимиз улардан чалғидими?!»
Дунё ҳаётида Аллоҳга имон келтиришни ор санаб юрган кимсалар дўзахга тушганларидан сўнггина ўзларининг нақадар қаттиқ адашганларини ҳис этиб, бунинг сабабини излашга тушишади. Ҳолбуки, Аллоҳнинг пайғамбарлари дунёда имонсизлик сабабли Парвардигорнинг азобига қолишлари ҳақида уларни кўп марта огоҳлантиришганди. Улар эса дарҳол имонга келиш ўрнига набий ва расулларни масхара қилишдан бошқага ярамадилар. Энди қарашсаки, пайғамбарларнинг илоҳий азоб ҳақидаги огоҳлантиришлари ҳақ бўлиб турибди. Туғёнга кетганлар дўзахга тушган одамларга қараб, ўзларича фикр юритишди ва кўзларига ҳам, ўзларига ҳам ишонмай, бир-бирларидан “Бизларга нима бўлдики, ўзимиз ёмон деган мўминларни бу ерда кўрмаяпмиз, бизлар масхара қилиб юрган пайғамбарлар ҳам кўринишмаяпти? Имон аҳлини ёмонлардан деб ўйлабмизу дўзах ҳақиқатан ёмонларнинг жойи бўлса, унда негаулар бу ерда кўринишмаяпти? Ёки улар дўзахда бўлса, кўзимиз чалғиб кўрмай қолдикмикин?” деб бир-бирларидан сўрай бошлашяпти. Ваҳоланки, дўзах аҳлининг кўзлари ҳам жойида, ўзлари ҳам адашишгани йўқ. Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдасига биноан улар ёмон деб ҳисоблаган мўминлар жаннатда, роҳат-фароғатга кўмилиб юришибди. Дўзахийлар туғёнга кетгани учун дунёдаги ҳамма нарсани Аллоҳнинг мезони билан эмас, ўзларининг бузуқ ўлчовлари билан баҳолаб юришганди. Ўзларини ҳақ санаб, имонлиларни адашганга чиқаришганди. Ҳолбуки, ҳақиқий ўлчов Аллоҳникидир, бу Қуръон ва шариат ўлчовидир. Кимнинг хулқ ва амаллари Аллоҳнинг имонлилар борасидаги ўлчовига тушса, у охиратда абадий саодатга эришади, кимнинг ишлари туғёнга кетганларнинг ўлчови билан баҳоланса, абадий азобга гирифтор бўлади.
64. Дўзах аҳлининг мана шундай тортишишлари албатта ҳақдир.
Яъни, дўзах аҳлининг бир-бирларини айблаб, ўзаро алам сочишлари ҳам Аллоҳнинг уларга ваъда қилган азобларидан бир кўринишдир. Улар бир-бирларини ўзларининг дўзахга тушишларига бош сабабчи қилиб айблашлари уларнинг тушкунлиги ва иложсизлигини янада кучайтириб юборади. Шундай экан, ана шундай ночор ва абгор ҳолга тушмаслик учун дунё ҳаётида пайғамбарларнинг огоҳлантиришларига қулоқ солиш, ягона Аллоҳнинг Биру Борлигига имон келтириш керак эди. Пайғамбарларнинг рисолатини тасдиқлаб, Аллоҳ таоло нозил этган ваҳий - Қуръонга амал қилиб яшаш керак эди. Ким шундай йўл тутса, албатта нажотга эришади, ким бундан юз ўгирса, илоҳий жазога мубтало бўлади.
65. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен фақат огоҳлантирувчиман, холос. Ягона ва ғолиб Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ;
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига “Мен фақат огоҳлантирувчи қилиб юборилганман, сизларни охиратдаги мукофот ёки жазодан огоҳлантираман, Аллоҳга имон келтиринглар, чунки ягона ва ғолиб Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ” деб умматга хитоб қилишни буюряпти. Оятдаги Аллоҳ таолонинг сифатларидан “Воҳидул Қаҳҳор” луғатда “Ягона ва Ғолиб” деган маънони билдирса-да, аслида бу жумланинг маъноси ниҳоятда кенг. Қаҳҳор - барча махлуқотни қабзасида тутиб, уларни ўз ҳукмига юрғизиб ва қудрати билан бўйсундириб турувчи деганидир. Аллоҳ таоло Ўз ваҳдониятига далолат қилувчи оятларни туширганидан кейин ҳам уни инкор қилганларга ва халқига жабр қилганларга Ўзининг қудратли султонлиги билан қаҳр қилади. Аллоҳ таоло ушбу исми билан Қуръон оятларининг бир нечтасида Ўзининг олий зотини номлаган: «Барча нарсанинг яратпувчиси Аллоҳдир. Ва У Ягонадир, Қаҳҳордир» (Раъд, 16). Аллоҳнинг қаҳри буюк ва аламли бўлиб, Ўзининг душманлари бўлган золимларнинг белини синдиради. Шунинг учун Аллоҳнинг Қаҳҳор сифати - золимларга қаҳри қаттиқ, буюк ва аламли, деган маънода ҳам келади.
66. У осмонлару Ернинг ва улар орасидаги ҳамма нарсанинг Парвардигоридир, қудратлидир, мағфиратлидир».
Ўша Аллоҳ - осмонлару Ернинг ва улар орасидаги ҳамма нарсанинг ягона Парвардигори, яратувчиси, тасарруф қилувчисидир. У Азиздир - ҳаммадан қудратлидир, ҳеч кимдан мағлуб бўлмайдиган Зотдир. Аллоҳ таолонинг ал-Азиз сифати қуйидаги маъноларни билдиради: «Барчанингустидан ғолиб,Ундан бирор нарсаустун келолмайди. Жамики азизлик маъноси Уникидир. Куч-қудрат азизлиги ҳам Уникидир. Унга ғолиб келиб бўлмайди. Тақиқлаш азизлиги ҳам Уникидир, У бунда бирор кишига муҳтож эмас. Қаҳр ва ғолиблик азизлиги ҳам Уникидир, бирор нарса Унинг изнисиз ҳаракат қила олмайди. Ал-Азиз исмининг яна бир маъноси “азиз қилувчи”дир: «Эй барча мулкнинг эгаси Парвардигорим, Сен хоҳла-ган кишингга мулк берурсан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз ҳилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг кўлингда. Албатта, Сен ҳамма нарсага қодирсан» (Оли Имрон, 26). Аллоҳ таолонинг ал-Азиз сифати турли маъноларда Қуръони каримнинг юзта жойида келган.
Аллоҳ таолонинг яна бир сифати ал-Ғаффордир - У тавба қилганлар учун ўта мағфиратли Зотдир. Аллоҳ таолонинг “ал-Ғаффор” сифати кўплаб мағфират қилиб, бандаларининг айб ва гуноҳларини Ўз фазли билан кечириб юборувчи маъносини англатади. Ал-Ғаффор - гуноҳларни Ўз фазли билан яширувчи, афви билан уларни бандаларидан кечиб юборувчидир. Уламолар шундай дейишади: “Агар Аллоҳ хоҳласа, Ўзининг етук ҳикматига биноан гуноҳларни афв қилиб юборади. Агар хоҳласа, аввал одоб бериб, сўнгра кечириб юборади. Агар хоҳласа, одоб бермай ҳам кечириб юбораверади. Сенинг Аллоҳ олдидаги мажбуриятинг Унинг камолоти, ҳикмати ва муҳаббатига ишонишингдир”. Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Шайтон: «Эй Парвардигор, Азизлигинг ҳурмати, модомики бандаларингнинг руҳлари жасадларида турар экан, мен уларни йўлдан оздиравераман» деганида Парвардигор: «Азизлигим ва улуғлигим ҳурмати, улар истиғфор айтишар экан, Мен ҳам уларнинг гуноҳларини кечиравераман», деди (Аҳмад ривояти). Банда агар тавбасида чин бўлса, унинг ёмонликл арини яхшиликка ўзгартириш Аллоҳ таолонинг фазли ва карамидандир.
67. Айтинг: «Бу буюк бир хабардир;
Эй Пайғамбарим, уларга айтингки, “Мен сизларга етказаётган илоҳий ваҳийлар, яъни Аллоҳ таоло тарафидан пайғамбар қилиб юборилишим ҳамда менга Қуръони каримнинг нозил қилиниши ҳақидаги хабарлар инсоният учун ўта муҳим буюк бир хабардир”. Ҳақиқатан ҳам ушбу Қуръон буюк хабардир, бутун дунёни зулматдан нурга олиб чиқувчи, қиёмат кунигача илоҳий мўьжиза бўлиб қолувчи, инсоният учун икки дунё саодатига мушарраф бўлиш йўлини кўрсатиб турувчи буюк хабардир. Булар ҳар бир инсон чин қалбдан қулоқ соладиган, унга сўзсиз имон келтирадиган самовий муждалардир.
68. сизлар эса ундан юз ўгирмоқдасиз;
Яъни, эй шайтонга эргашган кофир ва мушрик кимсалар, сизлар ана шу муборак ваҳийларга дарҳол имон келтириш, уни ҳаётингизга татбиқ қилиш ўрнига улардан юз ўгиряпсизлар, буларни ўз фойдангизга ишлатиш ўрнига дунёдаги аҳамиятсиз нарсалар билан ўралашиб, бефойда қайсарлик қилиб юрибсизлар. Ҳолбуки, сизлар эргашган куфр дунёдаги энг катта зулмдир ва охиратда у энг ёмон оқибатга олиб борувчи даҳшатли бахтсизлиқцир.
69. ўзаро тортишаётган олий гуруҳ ҳақида менда ҳеч қандай билим бўлмаган эди.
У Зот яратган фаришталар ҳам, инсонлар ҳам, жин-шайтонлар ҳам Унинг ихтиёридадирлар. Шундай бўлганидан кейин Аллоҳ таоло ҳузурида борлиққа оид энг муҳим масалалар ҳал этилади ва Парвардигор фақат Ўзига аён бўлган ғайбий нарсалар ҳақида махлуқотига Ўзи хоҳлаган билимларнигина билдиради. Банданинг иши эса фақат Аллоҳ билдирган нарсаларгагина имон келтириш, ўзига аён бўлмаган ҳикматларнинг барини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилишдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло охирзамон Пайғамбарига хитоб қилиб, олий гуруҳ, яъни фаришталар жамоасининг нима ҳақда тортишаётганлари ҳақида ҳатто ўзларида ҳам билим йўқлигини изҳор этишни буюрмоқда.
70. менга фақат ўзимнинг аниқ огоҳлантирувчи эканимгина ваҳий қилинади».
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қиляптики, Эй Муҳаммад, Қуръон ҳақида шак-шубҳага бораётган ўша мушрикларга гапнинг очиғини етказинг, уларга Қуръоннинг қиёматгача ҳар бир банда ўз ҳаётига татбиқ қилиши шарт бўлган боқий илоҳий дастур эканининг хабарини беринг. Уларга шундай денг: эй мушриклар, ушбу Қуръон ва пайғамбарлик рисолати сизлар ўйлаётгандек, оддий ва беҳуда нарсалар эмас. У менинг шахсимга ҳам боғлиқ эмас. Бу гапларни мен ўйлаб чиқараётганим ҳам йўқ. Ҳатто фаришталар оламида бу ҳақда ўзаро тортишувлар бўлаётганидан менинг мутлақо хабарим йўқ эди, бу ҳақда ҳеч нарса билмас ҳам эдим. Менга Аллоҳ таоло томонидан ўзимнинг фақат аниқ огоҳлантирувчи эканимгина ваҳий қилинади. Мен фақат Аллоҳнинг барча оламларга юборган элчисиман, Унинг ваҳийларинигина сизларга етказаман, холос.
71. Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга айтди: «Мен лойдан бир одам яратувчиман;
Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳнинг Одам алайҳиссаломни яратиши ва шайтоннинг Одамга сажда қилишдан бош тортиб, Парвардигорига исёнга боргани воқеасининг баёни бошланади. Аллоҳ таоло бу оятлари орқали инсонларнинг асллари қандай яратилгани ва ўша кундан бошлаб шайтон Аллоҳ азза ва жалланинг иродасига кўра Одам болаларининг душманига айланганини эслатади. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло бошда одамзотни лой-тупроқ жинсидан, балчиқдан яратган. Ҳозирги даврга келиб, замона олимлари ҳам инсон жисми таркибида тупроқдаги барча моддаларнинг борлигини тан олишдан бошқа илож топа олишмади. Тупроқдан яратилган инсон бир куни ажали етиб, яна тупроқ остига киради ва ўша ердан қиёмат куни қайта тирилиб чиқади. Инсон ўз билими, бойлиги ёки мавқеига ғурурланиб, қанчалар туғёнга кетмасин, кибрга бориб, Аллоҳга қанчалар итоатсизлик кўрсатмасин, бир куни албатта тупроқ бўлиб, ер қаърига киради.
72. ўшанда уни тиклаб, унга Ўз руҳимдан пуфлаганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинглар!»
Аллоҳ таоло айтяптики, “Эй фаришталарим, Мен лойдан Одамнинг шаклини, гавдасини ясаб, уни тикладим, сўнгра унга Ўз руҳимдан пуфлаб киритдим. Шу боис, илоҳий руҳни қабул қилиб олган Одамга сажда қилган ҳолларингизда йиқилинглар”. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Одамга Ўз руҳидан киритиб, унинг мақомини олий даражага кўтарган ва фаришталарининг Ўзи яратган Одамга сажда қилишларини истаган эди. Бу сажда ибодат маъносида эмас, балки Аллоҳ ўз қўли билан яратган Одамни олқишлаш саждаси эди.
73. Шунда барча фаришталар жам бўлиб сажда қилишди.
Шунда барча фаришталар Парвардигорларининг амрига итоат қилган ҳолда Аллоҳ азза ва жалла яратган, Ўз руҳидан пуфлаб киритган Одамга сажда қилишди. Бу ибодат саждаси эмас, Одамни табриклаш, унга киритилган илоҳий руҳни эъзозлаш учун эди.
74. Фақат иблисгина кибру ҳаво қилиб, кофирлардан бўлди.
Фақат шайтонларнинг каттаси иблисгина Аллоҳнинг амрига бўйсунишдан бош тортди, Одамга сажда қилмади. У мутакаббирлик қилиб, ўзини юқори тутди ва шу боис кофирлардан бўлди. Аллоҳнинг амридан бош тортиб, сажда қилишдан ор қилувчи мутакаббир кимсалар шайтон каби кофирлардан бўлишади.
75. У Зот: «Эй иблис, Ўз “қўл”им билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима тўсди?! Кибрга бордингми ёки даражанг олиймиди?!» деди.
Аллоҳ таоло иблиснинг Одамга сажда қилишдан бош тортганини кўриб, унга: “Эй иблис, Ўз “қўл”им билан яратган Одамга сени сажда қилишдан нима нарса тўсди? Кибрга бордингми ёки ўзингни ундан катта оляпсанми?” деди.
Аллоҳ таоло борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бўлганидан кейин нимани истаса, шуни қилади. У Ўзи билган ҳикматга кўра Одамни яратди, унга Ўз руҳидан пуфлаб киритиб, мақомини оширди. Кейин фаришталари қатори иблисни ҳам унга сажда қилишга буюрди. Аммо иблиснинг илоҳий амрдан бош тортганини кўриб, бунинг сабабини ундан сўради. Иблиснинг Одамга нима учун сажда қилмагани Аллоҳга жуда яхши аён эди, ҳамма нарсанинг ҳикматини билувчи Аллоҳ азза ва жалла иблиснинг ниятини ҳам биларди. Иблисга айбини ўз тили билан эътироф қилдириш учун Аллоҳ унга ана шу саволни берди. Натижада иблиснинг дилидаги ғарази тилига чиқди.
76. У: «Мен ундан яхшироқман: мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг», деди.
Парвардигорининг саволига иблис “Чунки мен Одамдан афзалман, мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан”, деб жавоб берди. У бу гапи билан ўзининг Аллоҳ ҳузуридаги мақоми Одамникидан устун эканини билдирмоқчи бўлди. Иблиснинг бу жавобидан унинг Аллоҳ таоло томонидан Одамга берилган мартабага ҳасад қилиб, куфрга кетгани билинади. Уламолар иблиснинг шу жавобига таяниб, унинг жинлар тоифасидан эканини айтишади ва «Иблис фаришталардан эди» деган гапларни рад қилишади. У фаришталар-дан бўлмаса ҳам Аллоҳтаоло фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрганида у ҳам ўша ерда бор эди. У ҳам илоҳий амрга бўйсуниши шарт эди. Лаънати иблис ўзининг оловдан яратилганини афзал санаб, кибрга борди. Шунинг учун лойдан яратилган Одамга сажда қилишдан, Аллоҳнинг амрига бўйсунишдан бош тортди.
77. У Зот айтди: «Ундан чиқ! Зеро, сен қувилгансан;
Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бош тортган ва бу иши билан Парвардигорининг амрига қаттиқ итоатсизлик кўрсатган иблис Аллоҳнинг иқоби ва ғазабига учради, шундан сўнг у Иблис деб аталадиган бўлди. Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз даргоҳидан, жаннатдан ҳайдаб чиқарди ва қиёматгача қувилганча қолишини айтди. Оятдаги “рожим” сўзи “айниган, бузилган” маъноларини билдиради, бу ўринда шарафли мақомидан ҳайдалган ва бутунлай айниб кетган иблисга нисбатан ишлатилмоқда.
78. ва жазо кунигача сенга лаънатим бўлгай».
Парвардигорига қилган исёни, кибрга бориб Аллоҳнинг амридан бош тортгани иблиснинг насибасини илоҳий даргоҳдан узди, уни жаннатдан қувиб чиқарди. Иблис алайҳилаъна Аллоҳ ва Унинг суюкли бандалари томонидан қиёматгача лаънатга қолди, тубан ва ҳақоратланган махлуққа айланди. Қиёматгача унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг, инсонларнинг лаънати ёғилиб туради. Ҳақиқатда Аллоҳнинг кибриёсига шериклик даъвоси билан мутакаббирлик қилиш, икки дунё саодатини инкор этиб, фоний дунё роҳатини кўзлаш энг мудҳиш ақлсизликдир, нодонликдир. Барча замон ва маконларда бўлгани каби, ҳозирги пайтда ҳам кибрга бориб, дунё лаззатларидан маҳрум бўлмаслик учун Аллоҳга ва Унинг ҳақ Пайғамбарига имон келтиришни ор санаб юрган, ҳидоят йўлларида юришни истамаётган гумроҳлар етарли топилади.
79. (Иблис): «Парвардигорим, улар қайта тирилтириладиган Кунгача менга муҳлат бергин!» деди.
Яратган Парвардигорига қаттиқ итоатсизлик кўрсатиб, Унинг лутфу марҳаматидан маҳрум бўлган ва абадий лаънатга қолган иблис “ётиб қолгунча, отиб қол” қабилида иш тутди. У Аллоҳга шундай илтижо қилди: «Эй Парвардигорим, Одам ва унинг зурриётлари қайта тирилтириладиган кун - қиёматгача мени ўлдирмай тур! Агар ажалимни қиёматгача кечиктирсанг, Одам болаларининг катта қисмини макр-ҳийлам билан ўз йўлимга бошлайман. Одам зурриёти борки, ҳаммасини измимга бўйсундираман ва ўзимга мутеъ қилиб оламан. Фақат оз сонли имонли, ихлосли кишиларгина менинг фитнамдан омонда бўлади”. Иблис бу билан ўлимдан вақтинча қутулиб қолишни, қиёматгача эса Одам болаларини йўлдан оздириб юришни мақсад қилган эди.
80. У Зот айтди: «Сен муҳлат берилганлардандирсан;
Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган ҳикмати юзасидан ўша кунгача иблисга муҳлат беришни ирода қилди. У осийларнинг каттаси бўлмиш иблисга қиёматгача муҳлат берилганининг хабарини эълон қилди. Бу ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг инсонларга бир синовидир. Парвардигорнинг амр-фармонларига итоат қилиб, Унинг розилигини топа олганлар ушбу синовдан ўтган бўлишади, аммо илоҳий ваҳийларни инкор қилиб, иблисга эргашганлар икки дунё саодатини бой берган бўлишади.
81. маълум вақт Кунигача».
Яъни, Аллоҳ таоло иблисга маълум вақт - қиёмат кунигача ажал-ни кечиктирди, унга инсон наслини ҳақ йўлдан уриши, уларни фитнага солиши учун одамлар қайта тирилтириладиган кунгача муҳлат берди. Иблисга берилган муҳлат чексиз-чегарасиз эмас, ўтаётган ҳар бир кун инсонларни тобора қиёматга яқинлаштирмоқда. Шунинг учун вақт борида улар ўзларини ўнглаб, иблиснинг фитна-ҳийлаларидан четда бўлишга ҳаракат қилишлари зарур. Худди шу каби Аллоҳ таоло куфр ва ширк ботқоғига ботиб кетган гумроҳ инсонларни жазолашни маълум муддатга кечиктириб, уларга тавба учун фурсат бериб қўяди. Улар гуноҳларига тавба қилиб, мағфират сўрасалар, Парвардигор уларни кечирувчидир.
82. (Иблис) деди: «Сенинг қудратингга қасамки, мен уларнинг ҳаммасини албатта йўлдан оздираман;
Парвардигорига итоатсизлик қилгани сабабли Унинг даргоҳидан лаънатланган ҳолда қувилган шайтон тамоман иложсиз ҳолда қолганди. Унга Ер юзида кезиб, инсонларни йўлдан оздириш, улар орасига фитна солиш, барча гуноҳ ишларини чиройли қилиб кўрсатиш ва шу орқали ўзига эргашганларнинг сонини кўпайтиришдан бошқа йўл қолмади.
Унда иблис-шайтонларнинг макридан қутилиш, фитнасига учмаслик учун нима қилиш керак? Энг аввало, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча буйруқларини ва кўрсатмаларини бажариш, қайтарган ишларидан қайтиш талаб қилинади. Кейин фарз намозларини иложи борича масжидларда жамоат билан адо қилиш, Пайғамбаримиздан ворид бўлган маъсур дуоларни ўқиб юриш, барча ўринларда “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм” (қувилган шайтоннинг шарридан Аллоҳдан паноҳ сўрайман) дейиш, Аллоҳ ҳаром қилган ҳамма нарсадан ўзни тийиш, доимо таҳоратли юриш, Аллоҳнинг раҳматидан ҳамиша умидвор бўлиш лозим. Ҳар бир мусулмон киши иблис чиройли кўрсатиб қўйган шаҳват ва маъсиятлардан ўзини тийиши, охиратни эсдан чиқариб, дунё матоҳларини қўлга киритишга тинимсиз уриниш ўрнига Аллоҳ таоло ўзига амр этган тоатларни ва амалларни адо этишга аҳамият бериши лозим бўлади. Чунки шайтон инсонларни қиёматгача йўлдан оздиришга ваъда берган.
83. фақат булардан ихлосли бандаларинггина мустасно».
Лаънати иблис Парвардигорига айтяптики, ҳамма бандаларингни йўлдан адаштирсам ҳам улар ичидаги содиқ ва ихлосли бандаларингга бас кела олмайман. Чунки уларнинг Сенга бўлган ишонч-эътиқодлари кучли, ихлослари беқиёс. Бу билан иблис Аллоҳ таоло яратган бандалардан ҳар бир ишда, ибодатда У зотга ихлосли бўлган, ҳамма ишни У зот кўриб тургандай бажарган ихлосли инсонларни йўлдан адаштира олмаслигини тан оляпти. Чунки Аллоҳга ихлосли бандаларни Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилади. Шунинг учун шайтон бу бандаларни ҳеч қачон йўлдан оздира олмайди. Аллоҳга ихлоси йўқ, ғофил бандалар эса шайтоннинг фитнаси учун тайёр ўлжа ҳисобланади. У нимани чиройли кўрсатса, ғофил банда ўшанга ўзини уради.
84. У Зот деди: «Ҳақдирман, фақат ҳақни айтаманки;
Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, Ҳақ - Менинг исмларимдандир, шунинг учун Мен фақат ҳақиқатни айтаман, ҳақ сўзни сўзлайман. Менинг сўзим ҳақдир, ваъдаларим ҳақдир, нозил қилган ваҳийларим ҳақдир. Иблисни ва унга эргашганларни дўзахга ташлашим ҳақидаги ваъдам ҳам ҳақдир, ёлғон эмасдир.
85. дўзахни сен ва уларнинг барча сенга эргашганлари билан тўлдираман».
Яъни, Ҳақ билан қасам ичиб айтаманки, эй иблис, дўзахни сен ва одамлар орасидаги сенга эргашиб, йўлингга юриб кетганларнинг барчаси билан тўлдираман. Аллоҳ таоло бор ҳақиқатни очиқ-ойдин айтиб қўйди: «Эй иблис, сен одамларни йўлдан оздириб, уларга иғвофитна қилавер, улардан хоҳлаганлари сенга эргашаверишсин. Аммо шуни ҳам билиб қўйки, улар ҳам билиб қўйишсинки, Мен сени ҳам, сенга эргашганларнинг барчасини ҳам дўзахга ташлаб, уни сизлар билан тўлдираман», деди.
86. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен сизлардан ҳақ сўрамайман ва мен сохтакорлардан ҳам эмасман.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, эй Муҳаммад, мушрикларга “Мен пайғамбарлигим ва Қуръонни етказганим учун сизлардан бирор ҳақ сўрамайман ва пайғамбарликни ўзича даъво қилувчи сохтакорлардан ҳам эмасман” деб айтинг. Масруқдан ривоят қилинади: “Биз Абдуллоҳникида (Ибн Масъуд) ўтирган эдик. У дам олиб ётган эди. Бир одам келиб шундай деди: “Эй Абу Абдурраҳмон, Куфанинг Кинда дарвозаси олдида бир киши Духон оятини ўқиб, оятдаги аломат - тутун келяпти, кофирларнингжонини оляпти ва мўминлар ҳам бу тутундан тумов теккан каби ўз улушларини олишяпти”, деди. Абдуллоҳ дарғазаб ҳолда ўрнидан туриб кетди, кейин жойига келиб ўтирдида, шундай деди: “Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқинглар, фақат биладиган нарсангизнигина гапиринглар. Билмайдиган нарсангиз хусусида “Аллоҳ билувчидир, Аллоҳ билади” денглар. Дарҳақиқат, ўзингиз билмайдиган нарса ҳақида гапиришингизни Аллоҳ билувчидир. Улуғ ва қудратли Аллоҳ Ўз Пайғамбарига «Мен сизлардан ҳак, сўрамайман ва мен сохтакорлардан ҳам эмасман ” дейишни таълим берган”.
87. У фақат оламлар учун эслатма, холос.
Аллоҳ таоло яна Пайғамбар алайҳиссаломга Қуръоннинг фақат оламлар учун эслатмалигини мушрикларга етказиб қўйишни ҳам буюрмоқда. Оятдаги “зикр” сўзи Қуръони каримнинг номларидан бири бўлиб, эслатма, насиҳат, ўгит маъноларини билдиради.
88. Албатта сизлар унинг хабарини бир муддатдан сўнг билурсиз».
Аллоҳ таолонинг амрига кўра, Пайғамбар алайҳиссалом кофир ва мушрик кимсаларга яна шундай демоқдалар: “Эй кофир ва мушриклар, мен Қуръонга даъват қилиш билан ўз манфаатимни кўзлаётганим йўқ. Қуръони карим сизлар даъво қилаётгандек, сеҳр ҳам, шеър ҳам эмас, балки илоҳий эслатмадир. У оламларга имонни, ихлосни, ибодатни, жаннатни эслатади. У оламларга куфрни, исённи, нифоқни, дўзахни эслатади. У оламларни ваъз-насиҳат йўли билан яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради. Маълум бир муддат ўтиб, қиёмат қойим бўлсин, ана шунда сизлар Қуръоннинг оддий башар сўзи эмас, балки Аллоҳ томонидан нозил қилинган ваҳий, инсонлар ва жинларга эслатма, башорат ва огоҳлантиришлар мажмуи эканини яхши билиб оласизлар”.