Маккада нозил бўлган, 182 оятдан иборат
“Соффот” сўзи луғатда «саф тортиб турувчилар» маъносида, Қуръони каримнинг ўттиз еттинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 182 оятдан иборат. Имон-эътиқод ваундан етадиган фойдалар, куфру-исён ва унинг зиёнлари ҳақида сўзловчи бу сура Аллоҳ таоло амру фармонига мудом мунтазир зотлар, махлуқлардан бири - фаришталар ҳақида, жаннат аҳли мушарраф бўладиган бахт-саодат, дўзахийлар дучор бўладиган азоб-уқубат ҳақида зикр этади. Бошқа маккий суралар каби бу сурада ҳам кишилар қалбида эътиқодни мустаҳкамлаш, уни ширкнинг турли кирларидан тозалаш ҳақида ўзига хос услубда сўз юритилади. Шунингдек, сурада тавҳид ва ваҳий масаласи ҳам алоҳида тилга олинади. Унда Аллоҳ таолонинг бир неча пайғамбарлари қиссалари, хусусан Иброҳим алай-ҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилишга буюрилишлари хусусидаги ривоят ҳам бор. Бу сура Яратганнинг барча буйруқларини дарҳол ижро этиш учун саф тортиб турадиган фаришталарга қасам ичиш билан бошлангани учун «Вас-Соффот» деб аталган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Саф-саф тизилиб турувчиларга қасам.
“Саф-саф тизилиб турувчилар”дан мурод Аллоҳ таолонинг фаришталаридир. Ушбу ояти каримада Аллоҳтаоло «Вас-сооффаати соффан» деб Ўзининг амрини адо этиш учун сафга тизилиб, шай бўлиб турган фаришталарга қасам, демоқда. Аллоҳ таоло бундан кейинги икки оятда ҳам фаришталарнинг маълум бир тоифасига қасам, дейди. Бу эса ўша фаришталарнинг Аллоҳ таоло ҳузурида ўзига яраша қадр-қиймати борлигини билдириб, инсонлар эътиборини уларга қаратади. Фаришталар ҳам Аллоҳ таолонинг махлуқотлари, бандалари бўлиб, улар ўзига хос хусусиятлар билан яратилган. Бир тоифалари Аллоҳ таолонинг амрини дарҳол бажариш учун саф тортган ҳолда тайёр турадилар. Фаришталарнинг саф тортишлари ҳадиси шарифда ҳам келган. Унда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаришталар Парвардигорлари ҳузурида саф тортганларидек саф тортмайсизларми?!” дедилар. Биз: “Қандай қилиб, эй Аллоҳнинг Расули?” дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олдинги сафларни тўлдирадилар ва сафни жипс қиладилар”, дедилар (Муслим ривояти).
2. Зажр қилувчиларга қасам.
«Зажр» сўзи луғатда айбдорни қўпол сўз ва муомала билан бир нарсадан узоқлаштириш маъносини англатади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу “зажр қилувчилар”ни “Аллоҳнинг бандаларини гуноҳ йўллардан мудом тўсиб турувчи фаришталар” деб тафсир қилган. Ибн Аббос, Масруқ, Саид ибн Жубайр каби муфассирлар ҳам бу оятни шундай тафсир қилишган. Фаришталардан бу тоифаси кофир ва осийларнинг жонлари олинаётганда, хашр пайтида ва жаҳаннамга ҳайдаш пайтида зажр қилишга маъмурдирлар. Аллоҳ таоло ояти каримада шу тоифадаги фаришталарга қасам, демоқда.
3. Зикрни тиловат қилувчиларга қасам.
Эслатма, насиҳат маъноларини билдирувчи Зикр - Қуръони каримнинг номларидан биридир. Яна бир тоифа фаришталар Аллоҳнинг самовий китобларини, яъни Зикрни тиловат қилишга буюрилган. Оятда Аллоҳ таоло ўша тоифадаги фаришталарга ҳам қасам, демоқда. Одатда ўта муҳим ишни таъкидлаш ва исботлаш учун қасам ичилади. Хусусан, Аллоҳ таоло ҳар қандай арзимас нарсага қасам деявермайди, балки бандалар эътиборини қаратиш, зикр қилинаётган нарсанинг ўта муҳимлигини кўрсатиш учун қасам, дейди. Шунга кўра, бир йўла уч тоифа фаришталарга қасам дейиш ортида ўта муҳим бир масала - тавҳидни эълон қилиш, инсониятни Аллоҳнинг тавҳидига чақириш масаласи ётгани учун ҳам Аллоҳ уларга қасам, демоқда.
4. Албатта Илоҳингиз ягонадир.
Тавҳиднинг бош шиори - “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, яъни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги маъносидаги жумладир. Эй бандалар, сизларнинг ибодат қилишингизга, итоат этишингизга муносиб ягона Зот Аллоҳ таолодир. Ундан ўзгага ибодат қилинмайди, сиғинилмайди, илоҳ деб қабул қилинмайди. «Лаа илааҳа иллаллоҳ» Ислом динининг энг биринчи асоси, тавҳиднинг шиоридир. Бу билан инсонлар Аллоҳ таолонинг ягоналигини, У ҳамма нарсанинг танҳо яратувчиси эканини, У бутун коинот ва жамиятдаги ҳамма нарсани кузатиб-бошқариб туришини, фақат Унинг Ўзигагина сиғинилиши, шукр ва ибодат қилиниши, амр-фармонларига итоатда бўлиниши лозимлигини англайдилар. Қуръони карим буни шундай тасдиқлайди: “Ана ўша Парвардигорингиз Аллоҳдир, Ундан ўзга илоҳ йўҳдир. Уҳамма нарсанияратувчидир.Унгагина бандалик қилинглар!» (Анъом, 102); Барча пайғамбарлар каби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматни тавҳидга, фақат Аллоҳга қуллик-бандалик қилишга чақирганлар. Бу ҳақда бир қанча ҳадиси шарифлар келган.
5. У осмонлару Ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигоридир ва машриқларнинг ҳам Парвардигоридир.
Яъни, барчаларингизнинг Парвардигорингиз жамики осмонларнинг, Ернинг ва улар орасидаги ҳамма нарсанинг ягона илоҳидир. Шунингдек У машриқ томонларнинг ҳам, мағриб томонларнинг ҳам Парвардигори, қодири мутлақ Аллоҳ таолодир. Инсонлар кўз ўнгидаги бу бепоён осмонлар ҳам, ҳамиша ҳаракатда бўлган Ер ҳам, улар орасидаги Аллоҳнинг кудратига далолат қилувчи беҳисоб аломатлар ҳам ҳар куни бизларга кўриниб тургани учун улар ҳақида кўпда тафаккур қилиб ўтирмаймиз. Ҳолбуки, агар чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрсак, улар дақиқ илоҳий низом асосида яратилганига, Парвардигорларининг изни билан, У Зот белгилаб қўйган йўналишда турганига ва ҳаракатланаётганига гувоҳ бўламиз. Ҳақиқатан, осмонларга бир боқинг: шундай улкан осмонлар устунсиз, тиргаксиз қандай тикланиб турибди? Ёки ўзимиз яшаб турган Ерга бир ибрат назари билан нигоҳ ташланг: у фазовий бўшлиқда нимага таяниб турибди, у устидаги шунчалар оғир юк билан нега кулаб ташмаяпти ёки жойидан силжиб кетмаяпти? Чунки буларнинг ягона яратувчиси ва тадбирини қилувчиси уларни шундай қилиб, Ўз низомига мувофиқ қилиб яратган. Агар инсонлар озгина фикр юритишганида ана шу буюк яратувчи Аллоҳ таолога имон келтирган, Унга тоат-ибодат қилган бўлишарди.
Бошқа оятларда “Аллоҳ мағрибнинг ҳам, машриқнинг ҳам Парвардигори” деб келган. Ушбу ояти каримада нега айнан “Аллоҳ таоло машриқ томонларнинг ҳам Парвардигоридир” дейилмоқда? “Машариқ” сўзи машриқнинг кўплиги бўлиб, қуёш чиқадиган барча томонларни англатади. Муфассирларнинг айтишича, қуёш йилда фақат икки кунда кун ва туннинг давомийлиги бир хил бўлиб, ўша икки кунда қуёш шарқнинг аниқ бир нуқтасидан чиқади, бошқа кунлари эса турли манзиллардан - белгиланган нуқтанинг ё шимоли ёки жанубидан чиқади. Қуёш турли жойлардан чиқишига қарамай, у Еру осмонларни бирдай ёритади ва иссиқлик улашади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг улуғ яратувчилигига, бунда Унга ҳеч бир зот шерик бўлолмаслигига ёрқин далилдир.
6. Дарҳақиқат, Биз дунё осмонини юлдузлар билан зийнатладик.
Ҳақиқатда кеча қоронғи бўлиб, осмон зулмат қўйнида қолса, инсонларнинг ҳоли не кечган бўларди? Қоронғиликда қолган инсон тунги сафарларида йўлини қандай топган бўларди? Зулматнинг инсон кайфиятига қанчалар салбий таъсир қилиши ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Аллоҳтаоло бандаларига қулай ва гўзал бўлиши учун улар ҳар куни кўриб турадиган, уларга энг яқин бўлган осмонни беҳисоб катта-кичик юлдузлар билан безатиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг борлиқдаги ҳамма нарсанинг Парвардигори, танҳо яратувчиси ва тадбирини қилувчиси эканига ёрқин далиллардан биридир. Юлдузларнинг ҳажми, сон-саноғи, осмонда муаллақ туриши, инсонларга фойдалари ва бошқа жиҳатларини бир ёққа қўйиб, биргина уларнинг дунё осмонига зийнат экани ҳақида ўйлаб кўрайлик. Зулмат қўйнидаги бепоён осмонга чарақлаган юлдузлардан ҳам гўзалроқ зийнат, безак бўлиши мумкинми? Ким буни шу ҳолида яратган ва осмон тоқига жойлаштириб қўйган? Бу фақат Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикмати билан яратилган беҳисоб мўъжизаларининг бири, холос. Бирор кимсанинг қўлидан буни уддалаш уёқда турсин, биргина юлдузни осмонга ўрнаштириб қўйиш ҳам келмайди. Бунинг устига бу юлдузлар олисда бўлгани учун кўзга кичкина кўринса-да, улардан баъзиларининг катталиги Ер, ой каби сайёраларга тенглигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Шундай бўлгач, инсонлар осмонни юлдузлар билан зийнатлаб қўйган Аллоҳ таолога имон келтирмай, бошқа кимга ҳам имон келтиришарди?! Осмонни зийнатлаб қўйган Зотга ибодат қилмай, кимга ҳам ибодат қилишарди?!
7. Ва ҳар қандай итоатсиз шайтондан ҳимоя қилдик.
Аллоҳ таоло осмонларни юлдузлар билан зийнатлаб, гўзал қилишдан ташқари яна уларни шайтонлардан муҳофаза ҳам этади. Бошқа оятларда зикр қилинганидек, итоатсиз шайтонлар, яъни жинлар осмон хабарларини ўғирлаш учун осмонга кўтарилиши билан оловли юлдузлар отилиб, улар қувиб солинади ҳамда осмон ва ундаги фаришталар итоатсиз шайтонлардан асраб-ҳимоя қилинади. Осмонлар ҳамма бемалол кириб, истаган ишини қилаверадиган бўшлиқ эмас, балки улар Аллоҳ таолонинг қаттиқ муҳофазасида туради. Осмон хабарларини ўғирлаб, коҳинларга етказадиган шайтонлар ортидан оловли юлдузлар отиб ҳайдалса, Ерни осмон жисмларидан ва қуёшнинг зарарли нурларидан ҳимоя қилиш учун алоҳида ҳимоя қатламлари ҳам яратиб қўйилган. Ҳар бир юлдуз ва сайёра ўзининг ҳаракат йўлига (орбитасига) эга бўлиб, ўша йўлдан чиқиш ҳам, унга кириб олиш ҳам ўта мушкул ишдир. Бу тўсиқларни ёриб ўтишнинг нақадар машаққатлигини фазога учган фазогирлар яхши тушунишади.
8. Улар олий жамоатни эшита олишмайди ва ҳар томондан таъқиб қилинади;
Осмондаги олий жамоат, яъни фаришталар жамоасининг ўзаро гапларини жин ва шайтонлардан ҳам, инсонлардан ҳам ҳеч ким эшита олмайди. Агар улар эшитишга ҳаракат қилса, оловли юлдузлар отилиб, фаришталарга яқинлашишдан қувилади, осмонда ҳайдалади. Аллоҳнинг буюк салтанати ва фаришталарнинг олий жамоаси ҳар қандай ёвузлик, тажовуз ва таъқиблардан мустаҳкам ҳимоя қилинган. Ким бунга тажовуз қилмоқчи бўлса, оловли юлдузлар, яъни айрим муфассирлар фикрича, бизнинг тасаввуримиздаги метеоритлар билан қувиб солинади.
9. ҳайдаш учун. Уларга узлуксиз азоб бордир.
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз осмондаги фаришталаримизни гап ўғирлайдиган шайтонларни таъқиб қилиш, уларга оловли найзалар отиб ҳайдаш учун, осмон хабарларини шайтонлардан муҳофаза қилиш учун қўйганмиз. Осмон хабарларини ўғирлаб, ердаги фолбин ва коҳинларга етказувчи шайтонларга ҳам, фолбин ва коҳинларнинг ўзларига ҳам қиёматда абадий давом этадиган аламли азобимиз бордир.
Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан Укоз бозорига бориш учун йўлга чиқдилар. Уша пайтда шайтонлар билан осмон хабари ораси тўсилиб, уларга учқун отилаётган эди. Шайтонлар ўз қавмларининг олдига қайтиб келишганда, (қавмлари:) «Сизларга нима бўлди?» дейишди. Улар: «Биз билан осмон хабари ораси тўсилиб, бизларга учқун отилди», дейишди. Улар: «Сизлар билан осмон хабари орасини фақат янги рўй берган ҳодиса тўсиши мумкин. Энди Ернинг машриқию мағрибини кезиб, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган нарса нима эканини қараб кўринглар» дейишди. Тиҳома томонга йўлга чиққан(жин)лар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолишди, у зотўз асҳоблари билан Укоз бозорига кетаётиб, Нахлада (жой номи) улар билан бомдод намозини ўқиётган эдилар. Қуръонни эшитганда унга қулоқ тутишди ва: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган мана шудир», дейишди” (Бухорий ривояти).
10. Ким бирорта сўзни ўғриликча тинглаган бўлса, уни куйдирувчи шуъла таъқиб этар.
Яъни, Аллоҳ яратган юлдузлар фақат осмон зийнати бўлиб қолмай, балки фаришталарнинг сўзларига қулоқ солиб, осмон хабарларини ўғирлайдиган ва коҳинларга етказадиган жинлардан муҳофаза ҳам қилиб туради. Мабодо жинлардан бирортаси осмонлардаги фаришталар жамоасига ўғриликча қулоқ тутиб, бирор сўзни эшитиб қолса, унинг ортидан олов отилади ва шайтонни ёндириб юборади. Бу оятлар «Жинлар осмонга чиқиб, фаришталарнинг ўзаро гапларини эшитиб, ерда ўзларига бўйсундириб олган одамларга етказаишади, шу йўл билан фолбин ва коҳинлар жинлар ёрдамида ғайбдан хабардор бўлишади» деб ўйлайдиган мушрикларнинг бузуқ эътиқодларини фош этади. Мана шу бузуқ эътиқод асосида араб мушриклари фолбин ва коҳинларга ишонишар, уларни улуғлашар ва ҳатто баъзилари жинларга сиғинишар ҳам эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Оиша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитган экан: «Фаришталар «ал-ъанаан» (булут) га тушадилар ва осмонда ҳукм қилинган ишларни зикр қилишади. Шунда шайтонлар ўғринча қулоқ тутиб, буни эшитиб оладида, зудлик билан коҳинларга етказади.Улар эса бунга ўзларидан юзта ёлғонни қўшишади» (Бухорий ривояти).
11. (Эй Муҳаммад, мушриклардан) сўранг: уларни яратиш қийинроқмикан ёки Биз яратган зотларними? Биз уларни ёпишқоқ лойдан яратганмиз.
Яъни, Бизнинг яратган бошқа махлуқотларимизга қараганда инсонларни яратиш ниҳоятда осондир, улар оддий ёпишқоқ лойдан яратилгандир. Эй Пайғамбарим, Аллоҳни инкор этаётган Макка мушрикларидан сўраб кўрингчи, ўша мушрикларни яратиш қийинмикан ёки Биз яратган фаришталарни, осмонлару Ерни ва улар орасидаги нарсаларни, юлдузлару шайтонларни яратиш қийинмикан?! Ҳолбуки, ўша мушрикларнинг ўзларини ёпишқоқ оддий лойдан яратганмиз. Асллари сув билан тупроқни қориб тайёрланган лойдан бўлган, холос. Шундай бўлганидан кейин улар нега кеккайиб, кибрга боришади? Ўзларини яратган Зотга имон келтирмай, Унинг амрларини инкор қилишади? Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашиш ўрнига у зотни масхара қилишади?
12. Балки сиз ажабланарсиз, улар эса масхара қилишади.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, балки сиз кофир ва мушрикларнинг Бизнинг қудратимизга, яратиш ҳикматимизга далолат қилувчи беҳисоб аломат-мўъжизаларни кўриб ҳам имонга келишмаётганига ажабланаётган бўлсангиз керак. Улар шунчалик нодон ва жоҳилдирларки, сон-саноқсиз далилларга гувоҳ бўлиб туришса ҳам Бизнинг ваҳийларимизни инкор қилишдан тўхташмаяпти. Аслида уларнинг энг оддий ҳақиқатларга ҳам тан бермай, ҳамон залолатда қолиб кетишаётгани ажабланарлидир. Бундай кимсаларнинг Аллоҳнинг ягоналиги, яратувчилик қудрати ва буюклиги қаршисида бу қадар саркашлик ва итоатсизлик қилишлари ҳақиқатан ажабланарлидир. Улар ўзларининг бунчалар нодонликларидан уялиш ўрнига Аллоҳнинг Пайғамбарини масхара қилишга, у олиб келган илоҳий ваҳийларни инкор қилишга журъат қилаётганлари кулгилидир. Улар бу қилмишлари билан Парвардигорларининг ягоналигини, яратиш қудратини, мудаббирлигини кўрсатувчи очиқ-ойдин далилларни, аломат ва мўъжизаларни ҳам масхара қилган бўлишади.
13. Насиҳат қилинса, насиҳатни олишмайди.
Залолатда қолган кимсаларнинг қалби муҳрланган, кўзи ҳақиқатни кўрмайдиган, қулоғи насиҳатни эшитмайдиган бўлиб қолади. Уларни қиёматдаги азобдан огоҳлантирсанг, ҳатто сесканиб ҳам қўйишмайди. Аллоҳнинг ҳисоб-китоби ҳақида гапирсанг, эшитгилари ҳам келмайди. Уларнинг қалби шунчалар қотиб кетганки, уларга насиҳат ҳам, ибратланиш ҳам, дунё ва охират ҳақида фикрлаш ҳам ёқмайдиган бўлиб қолган. Улар Аллоҳ таолонинг Биру Борлиги, яратувчи Холиқлиги, ҳамма нарсани бошқариб турадиган Парвардигорлиги каби улкан ҳақиқатларни тан олгилари келмайди. Уларга Аллоҳ таолонинг Пайғамбари келтирган ваҳий орқали дунё ва охиратдаги инсоний бурчлари эслатилганда ҳам буларни эслашни исташмайди.
14. Бирор мўъжизани кўришса, қаттиқроқ масхара қилишади.
Уларга инсон ақли бовар қилмайдиган, Аллоҳнинг яратувчилик қудратига далолат қиладиган энг буюк мўъжизаларни кўрсатиб қўйсангиз ҳам улар бунга тан бериш, шунчалар қудрат эгаси бўлмиш Аллоҳ таолога имон келтириш ўрнига бу мўъжизаларни янада қаттиқроқ масхара қилишга ўтишади. Қалбларида имон бўлмаганидан, эслатма кифоя қилмаганидан кейин уларга Аллоҳнинг, Пайғамбарнинг ва Қуръоннинг ҳақ эканига далил сифатида бирор аломат-белги ёки мўъжиза кўрсатилса, улар олдингидан ҳам қаттиқроқ масхара қила бошлайдилар. Масалан, улар Аллоҳ томонидан Ўз Пайғамбарига мўъжиза сифатида кўрсатилган “шаққул-қамар”, яъни ойнинг иккига бўлиниши ҳодисасига ҳам ишонмай, Пайғамбар алайҳиссаломни ёлғончиликда айблашган эди. Ойнинг иккига бўлиниши ҳодисаси Макка даврининг саккизинчи йили, мусулмонлар Абу Толиб маҳалласида қамалда яшаётганларида, Пайғамбар алайҳиссалом Минода турганларида ойдин бир кечада Аллоҳ таолонинг иродаси билан содир бўлган. Замонавий илм-фан ҳам узоқ изланишлардан сўнг қачонлардир Ойнинг иккига бўлинганини аниқлади.
15. Улар: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас», дейишди.
Кофир ва мушрик кимсалар Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин мўъ-жизаларини кўриб-билиб туриб ҳам имонга келишмади, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат қилишмади. Кўз ўнгиларида содир бўлган Аллоҳнинг мўъжизаларини сеҳргарлик ёки жодугарлик дейишдан ҳам тап тортишмайди. Уларнинг бу гаплари ўта ёмон ахлоқсизликдир, ҳақни тан олишдан шармандаларча қочишдир. Бу нарса Аллоҳга ва Унинг каломига нисбатан ўтакетган беодобликдир. Нодонлик ва қайсарлик ҳам шунчалар бўладими?
16. Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякка айлансак ҳам қайта тирилтириламизми?!
Кофир ва мушрик кимсаларнинг ақл-фаросати шунчалар ноқиски, улар Ер ва осмонларни, улкан, поёнсиз коинотларни, улар орасидаги миллионлаб мавжудотларни, қўйингки, энг майда ҳашаротдан тортиб улкан кит ва филларгача яратган Аллоҳнинг оддий бир инсонни яратиши, у ўзига ажратилган умрни яшаб бўлганидан кейин вафот эттиргач, яна қайта тирилтиришига ишонмай, довдираб юришади. Улар ожиз ақлларига суяниб, “Бизлар ўлиб кетсак ҳам, суякларимиз тупроққа аралашиб йўқ бўлиб кетса ҳам яна қайтадан тирилтирилармидик?!” деб иддао ҳам қилиб қўйишади. Шундайин улкан коинотни, ундаги беҳисоб мавжудотларни яратган ва қиёмат қойим бўлганида яна ҳаммасини йўқ қиладиган Аллоҳга инсонларни ўлдириб, қайта тирилтириш қийин бўлармиди?!
17. Олдинги ота-боболаримиз ҳам-а?!»
Кофир ва мушриклар ўзларининг қайта тирилтирилишларига ишонмаганлари етмай, олдин ўтиб кетган ота-боболарининг қайта тирилишига ҳам ишонишмайди. Улар охират дунёсига ишонмаганлари учун инсонларнинг қиёматда қайта тирилишига ҳам ишонмай, бу ҳақда барча гап-сўзларни эшитмаслик учун қулоқларини беркитиб олишади. Бу ҳақда сўз очганларга зуғум қилишади, на-сиҳатгўйларни ёлғончига чиқаришади, охират ҳақидаги ҳақиқатни сеҳр ва жоду дейишдан ҳам тап тортишмайди. Улар қанчадан-қанча махлуқотларни йўқдан бор қилиб яратган Аллоҳ таолонинг ўша кофир ва мушрик кимсаларни ҳам, уларнинг олдин ўтиб кетган ота-боболарини ҳам ўлиб-чириб, тупроққа қўшилиб кетганидан кейин ҳам қайта тирилтира олишига шубҳа қилишмасин, ишони-шаверсин. Бу албатта рўёбга чиқадиган, қиёматда содир бўладиган илоҳий тақдиротдир.
18. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Ҳа, сизлар ҳам хор бўласизлар!»
Эй Пайғамбарим, улар дунёда ишонмай юришса-юришаверсин.
Бизнинг ваъдамиз ҳақ, сўзимиз албатта рўёбга чиқади. Сиз уларга айтинг: “Парвардигорим сизларни ҳам, ота-боболарингизни ҳам албатта тирилтиради, осийлик ва гуноҳларингиз учун абадий азоб жойи бўлмиш дўзахига киритади. Ана ўшанда бу инкор ва шубҳаларингиз бефойда бўлганини, сизларни ҳақ йўлдан адаштирганини англаб оласизлар. Ўшанда дунёингизни ҳам, охиратингизни ҳам бой берганингизни тушуниб, афсус-надоматлар қиласизлар. Аммо унда кеч бўлади. Охиратда инсонларнинг энг хорлангани, энг зиён-кори, энг расвоси бўлган ҳолингизда дўзахга ташланасизлар!”
19. У фақат бир қичқириқдир, холос. Шунда улар қараганча қолишади.
Эй Аллоҳнинг ваҳийларига ишонмаган, уларни инкор қилган жоҳил кимсалар, сизларни ўзингиз севган, кўнгил қўйган дунё ҳаёти билан охиратдаги ҳисоб-китоб ўртасини фақатгина бир қичқириқ ажратиб турибди. Бу ҳам бўлса, фаришта Исрофил алайҳиссаломнинг сурга иккинчи марта пуфлашидан чиқадиган даҳшатли қичқириқдир. Исрофил алайҳиссаломнинг иккинчи бор сурни чалиши билан ҳамма қайта тирилади, қабрларидан чиқиб келиб, ўзлари савол-жавоб қилинадиган маҳшаргоҳ сари юришади. Шунда кофир ва мушрикларнинг бир-бирларига, қиёмат даҳшатларига ва атрофларидаги қўрқинчли манзараларга ҳайратланиб, қўрқув ичра қотиб қолганини кўрасиз.
20. «Воҳ, шўримиз қурисин! Бу жазо куни-ку!» деб қолишади.
Куфр ва ширк эгалари қиёмат куни қайта тирилгач, жуда танг аҳволда қолишади. Бир қарашдаёқ гап нимадалигини тушуниб етиб, бу дунёда пайғамбарлар ва даъватчилар тинмай тавсифлаган қиёматнинг қойим бўлганига дарров ақллари етиб қолади. Аммо қўлларидан ҳеч нарса келмайди, ҳеч ким уларга ёрдам кўрсатай демайди. Чунки атрофдагиларнинг бари нима қилишни билолмай боши қотган. Фақат мўминларгина талвасага тушмай, Парвардигорларининг раҳмати ва мағфиратидан умидвор ҳолда туришибди. Бу даҳшатли ҳолатдан ақлини йўқотган, эс-ҳушидан айрилган кофир ва мушриклар додвой қилганча: “Воҳ, шўримиз қуриб қопти, ҳолимизга вой бўлипти, қиёмат куни ҳақида гапиришганда бунга ишонмай, ҳатто масхара, калака қилиб юрган эканмиз. Ўша айтилган жазо куни келиб қолибди-ку!” Шунда ҳақиқатан шўрлари қуриганини англаб етишади, дунё ҳаётида қилган итоатсизликлари, гуноҳлари, куфр ва ширклари учун Парвардигорлари ҳузурида ҳисобга тортилишганда қилмишларининг жазосини тортиш муҳлати келганини сезиб, дод-фарёдлар қилишади. Лекин ҳеч бир зот уларнинг бу надомат тўла фарёдларини эшитмайди.
21. «Бу сизлар ёлғонга чиқариб юрган ажрим Кунидир;
Шунда гулдурос бир товуш уларга шундай дейди: “Сизлар дунёда ёлғонга чиқариб юрган ажрим куни, қиёмат куни мана шудир!” Оятдаги “ажрим куни”дан мурод, қиёматдир. “Қиёмат” сўзи луғатда «тик туриш» маъносини англатади, чунки ўша кунда ҳамма қабридан тик туриб тирилиши сабабидан шундай номланган. Бундан ташқари қиёматнинг «ажрим куни», «ҳисоб-китоб куни», «маҳшар куни», «охират куни», «эртаси бўлмайдиган кун» каби бир неча номлари ҳам бор. Дунё ҳаётининг тугаши билан охират кунининг бошланиши қиёматдир. Бу куннинг даҳшатлари Қуръони каримнинг бир неча сурасида зикр қилинган, алоҳида Қиёмат сураси ҳам бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларда қиёматнинг аломатлари ва манзаралари зикр этилган. Қиёматнинг қачон қойим бўлишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Қиёмат кунига ишониш имоннинг асосий рукларидан биридир. Кофирларнинг энг катта хатоси қиёматга ишонмаганидир, шу сабабли улар уни ёлғонга чиқаришади. Ушбу ояти каримада зикр қилинганидек, уларга қарата: «Сизларга у дунёда «Қиёмат қойим бўлади, у Кунда ҳақ билан ботил, яхши билан ёмон, кофир билан мўмин орасида ажрим қилинади» дейилса, буни ёлғонга чиқарар эдинглар. Сизлар ёлғонга чиқариб юрган ўша ажрим куни мана шу Кундир», дейилади.
22. зулм қилганларни, уларнинг ёронларини ва улар сиғиниб юрган;
Сўнгра ўша ажрим ва жазо кунида Аллоҳ таоло Ўз хизматида шай турган қаттиққўл фаришталарига шундай буюради: “Мушрикликлари сабабли ҳақсизлик ва зулм қилганларни, уларга зулм ва адолатсизликда ёрдам берган ёронларини, Аллоҳнинг амр-фармонларини инкор қилиб, Унга осийлик қилганларнинг барини тўплаб, жазоларини бериш учун ҳузуримга келтиринглар”. Оятдаги “ёронлар” деб таржима қилинган “азвож” сўзини олдинги барча муфассирлар, шу жумладан Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум ва бошқалар “ўз феъли билан золимларнинг ишини қилган ёки уларга ўхшашлар” деб тафсир қилишган.
23. Аллоҳдан ўзга нарсаларини тўпланглар. Уларни дўзах йўлига бошланглар».
Аллоҳ таоло яна фаришталарига золимлар, яъни куфр, ширк ва осийлик қилганлар, уларнинг ёронлари билан бирга улар сиғиниб юрган Аллоҳдан ўзга бут-санамлар ёки шахсларни ҳам тўплашга буюрмоқда. Яъни, эй фаришталар, Аллоҳга ширк келтириш энг катта зулм бўлгани учун ширк келтириш билан зулм қилганларни, уларнинг ҳаммаслакларини ҳамда Аллоҳдан ўзга улар сиғиниб юрган сохта “илоҳ”ларини ҳашр майдонида бир жойга тўпланглар. Уларнинг гуноҳлари аён, дунёда уларга тавба қилиш имкони берилганида буни бой беришган. Энди улар учун биргина йўл: дўзахга тушиб, у ерда абадий қийноқ-азобни тотиш қолган. Эй фаришталар, энди уларнинг барини дўзах сари бошлаб боринглар, уларнинг ваъда қилинган азобни тотиш пайти келди!
24. Уларни тўхтатиб туринглар, чунки улар сўралувчилардир.
Дўзах олдида гуноҳкор кимсалар дунё ҳаётида қилган ёвузликлари учун ҳисоб беришлари керак. Ушанда улар бир-бирларини айблаб, бирлари бошқаларига ташланиб қолишади. Аллоҳ таоло Ўзининг итоаткор фаришталарига шундай буюради: “Уларни тўхтатиб туринглар, ҳали улар Ер юзидаги қабиҳ қилмишлари учун жавоб беришлари керак”. Шунда улар дунёдаги барча ишлари, гап-сўзлари ва ҳатти-ҳаракатлари учун тўла жавобгар бўлишади. Уларга адолатсизлик ҳам қилинмайди, бирорта қилмишлари унутиб ҳам юборилмайди.
25. Нега бир-бирларингизга ёрдамлашмаяпсиз?!
Дўзах дарвозаси олдида бир-бирларини айблаб уймалашаётган дўзахийларга шундай хитоб қилинади: “Сизларга нима бўлди ўзи? Мана, барчаларингиз ўзингиз инкор қилган қиёматни кўрдингиз, дунё ҳаётида қилган итоатсизлик ва инкорларингизнинг аччиқ “меваси”ни тотишга шай турибсизлар. Ер юзида сизлар сиғиниб, илоҳ санаб юрган бут-санамларингиз ҳам, сизлар эргашган шайтонлар ҳам ёнингизда турибди. Лекин нега улар сизга ёрдам беришмаяпти? Нега бир-бирингизнинг жонингизга ора кирмаяпсизлар? Бугунги кунда ҳаммангиз ёрдамга муҳтож бўлиб турганингизда сизлар ишонган, итоат қилган, эргашган ўша сохта “илоҳ”ларингиз нега кўмакка келмаяпти?” Аммо дўзах аҳлидан бирортаси бу саволларга жавоб бера олмайди.
26. Йўқ! Улар бугун таслим бўлувчилардир.
Қиёмат куни Аллоҳ таоло Ўзининг ваҳийларини инкор қилган, Пайғамбарига итоатсизлик кўрсатган куфр ва ширк эгаларини, уларга маслакдош бўлганларни, улар сиғиниб, эргашиб юрган сохта “илоҳ”ларини тўплаб, дўзахга ташлашни буюради. Бугун уларнинг ҳоли ниҳоятда танг: вужудлари абгор, олдиндаги абадий жазо ва азоб-уқубатнинг машаққатларини ўйлаб, даҳшатдан тиллари бир сўз айтишдан қолган. Улар бир-бирларига ёрдам бериш уёқда турсин, ўзларининг ҳолатларидан қаттиқ хавотирда бошларини эгиб туришибди. Йўқ! Улар бугун бир-бирларига асло ёрдам бера олишмайди, барчалари ўзи билан ўзи овора, ҳамманинг бошида оғир ташвиш, азоб даҳшати. Дунё ҳаётида Парвардигорларига итоат қилишдан бўйин товлаб юрганларнинг бари - мункирлар ҳам, сохта “илоҳ”лар ҳам, осийлар ҳам Аллоҳ таолога таслим бўлиб қолишган. Ҳозир мажбуран Аллоҳга таслим бўлганлар дунё ҳаётида ўз ихтиёрлари билан Парвардигорларига бандалик қилишганида бошларига бу қадар даҳшатли кўргиликлар тушмаган бўларди.
27. Уларнинг баъзилари баъзиларига савол билан юзланишди.
Айрим дўзахийларнинг пешволари билан уларга эргашган баъзи оддий мункирлар дўзах дарвозаси олдида бир-бирлари билан тортишиб кетишади. Аҳволлари ниҳоятда танглигидан эргашувчилар ўз пешволарига маломат ва ғазаб билан саволлар беришга ўтишади, бошларига тушган кулфатда уларни айблашга уринишади.
28. Улар: «Ҳақиқатан бизларга ўнг томондан келар эдингиз», дейишди.
Қавмнинг сардорлари ўз тобеълари билан маломат-таъна тўла савол-жавобни бошлаб юборишади. Тобеълар бошларига тушган мусибатда ўзларини эргаштирган пешволарга таъна қилиб шундай дейишади: “Бизга ўнг томондан келганингиз, яъни куч-қудратингизга ёки ичган қасамларингизга ишониб, Аллоҳнинг ўрнига сизларга итоатда бўлибмиз, ҳақ йўлдан адашибмиз. Сизлар дунё ҳаётида ўз йўлингизга бошлаш учун бизларга ўнг, яъни ишончли томондан, куч-қувват, ишонч ва ҳақиқат даъвоси билан келар эдинглар, мана энди сизларга ишониб, йўлингизга юрганимиз учун энди аҳволимиз нима бўлади?» дейишади.
29. Улар айтишди: «Йўқ, ўзларингиз мўмин эмасдинглар;
Уларнинг бу саволларига пешволари шундай жавоб қилишади: “Сизларни биз йўлдан урганимиз йўқ, аслида ўзларингиз Аллоҳнинг оятларини инкор қилиб, Унинг амр-фармонларидан бўйин товладинглар, Унга ва Пайғамбарига имон келтирмадинглар. Ҳозирги танг ҳолатингизда бизни айблашингиз нотўғри, аслида ўзларингиз мўмин бўлмаган эдинглар”. Ҳақиқатан, залолатга бошловчи кимсаларнинг ортидан эргашиб, ҳалокат сари кетиш гуноҳларга сабаб бўлолмайди. Фақат Аллоҳ таолога имонгина инсонларни ҳалокатдан қутқариши, нажот эшикларини очиб бериши мумкин. Агар ўзимиз охират дунёсига ва Аллоҳнинг қонунлари боқийлигига ишонмайдиган бўлсак, бунда бошқаларни қандай айблай оламиз? Ҳақ йўлдан оздирувчиларнинг қиёмат куни кўзларини лўқ қилиб: “Сизлар ўз залолатингиз билан бундай жазога муносибсиз” дейишлари ҳам шундан! Аллоҳ олдидаги масъулият барчанинг шахсий бурчидир, у бунда бошқаларни айблаши, ўз гуноҳларини бошқаларга ортмоқчи бўлиши нотўғридир. Бошқаларни йўлдан оздирган пешволар икки томонлама: ўзларининг ҳақ йўлга кирмаганлари ва бошқаларни ҳам ҳидоятдан адаштирганлари учун қўшалоқ жазога тортилишади.
30. бизларда устингиздан ҳукмронлик йўқ эди, ўзингиз ҳаддан ошган қавм эдингиз;
Пешволарянаўз эргашувчиларига шундай баҳона қилишади: “Сизларнинг бизга қилаётган маломатларингиз, даъволарингиз мутлақо нотўғри. Бизларнинг ўнг томондан келишимиз, куч-қудратимизни кўрсатишимиз, ширин алдовларимизнинг бари ёлғон эди. Қолаверса, сизларни бу нарсалар васваса қилмаган, имондан маҳрум этмаган. Сизлар ўзи аслида мўмин эмасдинглар. Ўз ихтиёрларинг билан куфр йўлини танлагансизлар. Ҳолбуки, бизлар устингиздан ҳукмрон ҳам бўлмаганмиз, бизда бундай имконият йўқ ҳам эди. Сизларни мажбурлаб гуноҳ йўлга бошламаганмиз. Бу борада бизларни айблашингиз, даъво қилишингиз тўғри эмас. Аслида ўзларингиз куфр йўлини танладинглар, ҳаддингиздан ошиб, Аллоҳга исён қилдинглар. Унинг ваҳийларини инкор қилиб, ёлғонга чиқардинглар. Энди мана шу қилмишларингиз учун дўзах азобини тотишингиз сизлар инкор қилган илоҳий ваҳийларда баён қилинган эди.
31. энди бизларга Парвардигоримизнинг Сўзи ҳақ бўлди, бизлар тотувчидирмиз;
Пешволар ўз тобеъларига ҳеч қандай ёрдам беролмасликларини изҳор қилиб, уларнинг ўзини айблаб бўлишганидан кейин ўзларининг ҳам танг ҳолатда эканларини айтишади: “Энди ҳаммамизга - бизга ҳам, сизларга ҳам Парвардигоримизнинг ваъда қилган азоби ҳақидаги Сўзи ҳақ бўлди, яъни азоби нақд бўлди. Энди иложсиз ҳолда ҳаммаларимиз бу азобни биргаликда тотамиз, бизлар ҳам сизлар ҳам албатта дўзахга тушувчиларданмиз.
32. чунки ўзимиз йўлдан озувчи бўлганимиз сабабли сизларни ҳам йўлдан оздирдик».
Одатда гуноҳ ишларни қилувчилар ўз сафларига бошқаларни ҳам тортиб,уларни ҳамўзлари каби йўлдан озишини исташади.Уғрилик қилувчи тинчгина юрган бир шеригига ўз “касби”ни ўргатмоқчи бўлади, хамр ичувчи ичмайдиганлар сафидан ўзига ҳамтовоқ ахтаради. Худди шулар каби имонсиз кимсалар ҳам бошқаларни йўлдан уришга, ҳақ йўлдан адаштиришга ҳаракат қилади. Дунёда бундайларга эргашиб, икки дунёсини бой берганлар қиёматда ишонганларидан маҳрум бўлиб, аро йўлда қолишади, дўзах азобига гирифтор бўлишади. Улар оятда зикри келган пешволарнинг баҳонасига ўхшаш ёлғон ваъда берувчиларнинг ҳийласига алданишади. Дунёда улар пешволарига ишониб, қиёмат куни уларнинг ёрдам беришига умид қилиб юришган эди, энди қарашса, уларнинг ўзлари ёрдамга муҳтож, ожиз ва нотавон экан. Кўмак бериш ўрнига сурбетларча: “Узимиз йўлдан озувчи бўлганимиз сабабли сизларни ҳам йўлдан оздирганмиз” деб туришибди ва ҳамма айбни эргашувчиларнинг ўзларига тўнкашяпти.
33. Улар ўша Кунда азобда шерик бўлувчилардир.
Аллоҳ таолонинг қонунига биноан қиёмат куни пешволар ҳам, улар йўлдан урган эргашувчилар ҳам бир хил азобга қолишади, азобда шерик бўлишади. Эргашувчилар азобланиб, пешволар азобдан омонда қолишмайди. Ёки дўзах азобига маҳкум бўлган эргашувчиларнинг “бизлар сардорларимизга ишониб ёки алданиб, уларнинг йўлига кирган эканмиз” деган баҳоналари ўтмайди. Йўлдан урувчиларнинг даъволари ҳам, адашганларнинг афсус-надоматлари ҳам асло инобатга олинмайди.Улар биргаликда Аллоҳнинг динини инкор қилиб, куфр ва ширк йўлини танлашганмиди, энди жазони ҳам биргалиқца тотишади.
34. Дарҳақиқат, Биз жиноятчиларга шундай қилурмиз.
Аллоҳ таоло адашган бандаларига хитоб қилиб айтяптики, Биз бу ўринда васф қилинаётган кимсаларнигина эмас, барча жиноятчиларни - кофир, мушрик, осийларни ҳам жаҳаннамга ташлаб, абадий ва аламли азобларга дучор қиламиз. Чунки уларни дунё ҳаётида пайғамбарлар ҳам, даъватчилар ҳам муқаррар азобимиздан огоҳлантирган, тавба йўлларини кўрсатиб берган эди. Аммо улар имонга келишмади, аксинча ваҳийларимизни инкор қилишди. Пайғамбаримизнинг даъватига қулоқ солишмади. Энди уларнинг кечиккан надоматларидан асло фойда йўқ, ҳаммалари азобимиз ва жазоимизни тотишга маҳкумдирлар.
35. Чунки улар ўзларига «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» дейилганда кибрга боришганди.
Адашган кимсаларга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” («Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ») дейилса, улар мутакаббирлик қилишарди. Ягона Аллоҳ таолонинг Ўзига қуллик қилишга бўйинлари ёр бермас ёки Унинг ибодатга сазовор ёлғиз илоҳ эканини тан олмас эдилар. Унга буту санамлар, жину фаришталар, табиатдаги айрим махлуқотлар ёки ўзларига ўхшаган баъзи одамларни шерик қилишарди. Шунинг учун ҳам бугунги қиёмат куни улар хору зор бўлиб, дўзах азобига гирифтор бўлиб туришибди.
Кибр инсонни икки дунё саодатидан маҳрум қилувчи энг оғир гуноҳлардандир. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: “Билингки, кибр кофирларнинг ва фиръавнларнинг ёмон ахлоқидандир. Тавозуъ эса, пайғамбарлар ва солиҳларнинг гўзал ахлоқидандир. Аллоҳ таоло шундай деган: «Қорун, Фиръавн ва Ҳомонларни ҳам (ҳалок қилдик). Дарҳақиқат, Мусо уларга аниқ ҳужжатлар келтирганида улар Ерда мутакаббирлик қилишди ва (ҳалокатдан) қочиб кутула олишмади» (Анкабут, 39).
36. «Ахир бизлар бир мажнун шоирни деб, илоҳларимизни тарк этарканмизми?!» дейишарди.
Макканинг кофир ва мушриклари Аллоҳ таолонинг ваҳийларини эълон қилган охирзамон Пайғамбарини инкор қилиш, у зот алайҳиссаломнинг даъватларини йўққа чиқариш учун Аллоҳнинг элчисига асло ёпишмайдиган айбларни тақашди. Тўғрисўзлиги, омонатдорлиги, бошқа фазилатлари билан ўзларига ҳам яхши таниш бўлган Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончига, мажнунга, сеҳргарга чиқаришди. “У мажнун, ёлғончи бўлганидан кейин унинг гаплари инобатга ўтмайди, шунинг учун уни деб бизлар кўп йиллардан буён сиғиниб келган илохдаримизни тарк этармидик” деган сафсаталарни ўйлаб топишди. Улар ўзларининг сохта “илоҳ”ларидан воз кечмаслик учун Аллоҳнинг Пайғамбарини мажнунга чиқаришган эди. Ўз “илоҳ”ларини ҳимоя қилиш учун Аллоҳнинг Расулига йўқ ердаги туҳматларни қилишганди. Мана шу қилмишлари учун улар қиёмат куни хор-зор ҳолларида дўзахга ташланадилар ва у ерда абадий азоб тортадилар.
37. Йўқ, у ҳақни келтирди ва пайғамбарларни тасдиқлади.
Мушрик кимсаларнинг катта хатоси шунда эдики, Аллоҳ таоло Ўз ваҳийларини юборишга вазифадор этиб ақлдан озган ёки гуноҳ ишлар қилувчи бандасини асло танламайди. Исломнинг, Қуръоннинг нозил қилиниши қандайдир ғайритабиий, нуқсонли одамларга юкланмайди. Аллоҳнинг рисолати У Зотнинг Ўзи яратган онг ва табиий қонуниятларга мувофиқ қилиб юборилади. Бу ҳақиқат Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарларга, хоссатан, охирзамон Пайғамбари, Аллоҳнинг Ўзи гўзал хулқларни камолга етказишга вазифалантирилган Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам тўла-тўкис тегишлидир. Йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мажнун ҳам эмаслар, шоир ва сеҳргар ҳам эмаслар. У зот алайҳиссалом фақат ҳақни айтадилар, ҳақ Китоб Қуръонни, ҳақ дин Исломни, ҳақ шариат бўлмиш Ислом шариатини келтирганлар. У зот яна ўзларидан олдин ўтган барча пайғамбарларнинг рисолатини тасдиқлаб, умматларини ҳам шунга чақирганлар.Ўзларидан олдинги пайғамбарларнинг охирзамон пайғамбари келиши ҳақидаги башоратларини ҳам тасдиқлаб, Аллоҳ таолонинг ҳукми қиёматгача давом этадиган охирги динига бутун инсониятни чорлаш учун юборилгандирлар. У зотгача ҳам дунёда қанчадан-қанча пайғамбарлар ягона тавҳид динига даъват қилиб ўтишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўша пайғамбарларнинг охиргиси, уларни тасдиқлаб келган охирзамон пайғамбари бўлдилар.
38. Сизлар албатта аламли азобни тотувчидирсиз.
Дунёдаги қилмишлари ва итоатсизликлари билан у зотни инкор қилиб ўтган, бошқаларни ҳам ҳақ йўлдан адаштиришга уринган дўзах аҳли охирзамон Пайғамбарига нима айбларни, туҳмат-бўҳтонларни тақашмасин, барибир ҳақиқатни йўқ қилиб бўлмайди. Ҳозир дунёда миллионлаб кишилар ана шу ҳақиқатни англаб етиб, у зот олиб келган рисолат сари, Ислом дини сари интилмоқдалар. Аллоҳнинг сўнгги Пайғамбарига саломлар, салавотлар йўлламоқдалар. У зотни инкор этиб, туҳмат ва масхара қилган, Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашиш ўрнига у зотга турли айбларни тақаётган кофир ва мушриклар барибир қабиҳ ниятларига етолмайдилар. Уларнинг охирзамон Пайғамбарини дунёда бадном қилишга кучлари етмай, шарманда бўлганлари устига охиратда дўзахдаги абадий азоб билан “мукофот”ланишади. Улар бу даҳшатли оқибатдан асло қутула олмайдилар ва қилган гуноҳлари эвазига дўзах аҳлидан бўлиб, у ерда инсон тасаввурига сиғмайдиган аламли азобни тотадилар.
39. Фақат қилиб ўтган амалингизнинг жазосини оласиз, холос.
Аллоҳ таолонинг адолати шунчалар ҳақки, У бандаларидан бирортасини ноҳақ жазоламайди, қилмаган гуноҳига азоб бермайди. Бирор банда заррача яхшилигининг мукофотини олмасдан қолмайди, унинг заррача ҳам ёмонлиги жазосиз қолмайди. Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири ал-Адлдир, яъни мутлақ адолат қилувчидир. Аллоҳ таоло бандалари орасида дунё ва охиратда адолат билан ҳукм қилади, бунда ҳеч кимга заррача зулм қилмайди. Бирор кишига бошқа бировнинг гуноҳини юкламайди. Банданинг гуноҳидан кўпроқ жазога тортмайди. Ҳақларни ўз эгаларига қайтариб ҳукм қилади.
40. Лекин Аллоҳнинг хос бандалари борки;
Кофир ва осий кимсалар дўзахда абадий жазоланишга маҳкум бўлиб турган бир пайтда Аллоҳ таолонинг шундай бандалари ҳам борки, улар учун яратилган олий даражадаги икки жаннат бўлади. Бу жаннатлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига, Қуръони каримга, охиратга имон келтирган, Парвардигорларидан қўрққан ҳолларида дунёда Аллоҳнинг амрида қатъий турган, гуноҳлардан тийилган, солиҳ амаллар ва эзгу ишлар қилган холис бандалар учун аталган.
41. айнан ўшалар учун маълум ризқ;
Ана шу икки олийжаннатАллоҳгатақво қилувчи мўминлар учун-дир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Икки жаннат - жаннат кенглигидаги икки боғдир. Ҳар бир боғнинг кенглиги юз йиллик масофадир. Ҳар бир боғнинг ўртасида нур ёғилиб турадиган устма-уст ҳовли бор. Ундаги ҳар бир нарса неъмат ва кўкаламзордир. Унинг туриши абадий ва дарахтлари ўсувчидир” (Бундай ҳадисни Ҳаравий ва Саълабийлар Абу Ҳурайрадан ҳам ривоят қилишган).
42. мевалар бўлади. Улар иззат-икромдадир;
Жаннатда тақволи бандалар учун турфа мевалар борки, уларнинг сифати, таъми, кўриниши дунёдаги меваларга ўхшамайди. Абу Убайда айтади: “Жаннатнинг хурмоси танасидан шох-шаббаларигача устма-уст терилгандир. Ҳар меваси кўзадай. Ундан бир дона узиб олинса, ўрнига дарҳол бошқаси пайдо бўлади. Жаннатнинг сувлари ўзансиз оқади.Унингузумлариўн икки зироъ келади” (Ибн Муборак ривояти). Жаннатийлар у ерда шунақанги иззат-икром ичра бўлишадики, буни таърифлашга сўз ожизлик қилади. Ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда: “Аллоҳга энг мукаррам бўлган киши Аллоҳга эртаю кеч тикилиб ўтиради”, дейилган. Баъзи муфассирлар “Қўшимча иззат-икромдан мурод, ҳурларнинг уларга никоҳлаб берилишидир”, дейишган. Жаннат улуғ маскан, барча мўминлар кўз тиккан макон бўлгани учун у ердаги беҳисоб неъматлар, оҳу кўзли ҳурлар, кўшклару булоқлар эгаларига мунтазир туришибди. Аммо жаннатни қанчалар орзу қилмайлик, у ерга киришнинг ўзигина кифоя қилмайди. Унинг маҳри сиз билан биз яшаб турган дунёдир. Унинг қиймати шу дунёда тўланади. Ҳазрати Алий “Биз бу дунёни яхши кўрамиз, чунки у дунёни (яъни жаннатни) шу дунёда топамиз”, деган эди. Аммо жаннатни соғиниш бу дунёдан кечиш, дегани ҳам эмас. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган: “Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни изла, дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик ҳилгани каби сен ҳам яхшилик ҳил. Ер юзида бузғунчиликни истама, Аллоҳ бузғунчи-ларни ёҳтирмайди» (Қасас, 77).
43. Неъмат жаннатларида;
“Наъим” жаннат номларидан бири, “Жаннатун-наъим” жумласи неъматларга тўла жаннатни англатади. Муқотил: “Аввалги икки олий жаннат Адн ва Наъим жаннатларидир, кейинги иккитаси Фирдавс ва Маъво жаннатларидир”, деган.
44. сўриларда юзма-юз ўлтиришади.
Ушбу ояти карима ҳақида Мужоҳид: “Яъни, бир-бирининг ортидан ғараз билан қарамайди”, деган. Бошқа муфассирлар эса: “Оиласи билан қандай хоҳласа, шундай ўтиради, ҳеч ким бир-бирининг ортига қарамайди”, дейишган. Жаннат сўрилари ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Сўрилар дур, ёқут ва забаржад билан безалган. У сўриларнинг ҳар бири Санъодан Жобиягача ва Адандан Айлагача бўлган оралиқ масофача келади”.
45. Уларга оқин чашмадан қадаҳлар айлантирилади;
Жаннатдаги биридан зилол ва хуштаъм сув, биридан ширин сут, биридан мусаффо асал, бошқасидан маст қилмайдиган шароб оқиб турадиган чашмалар олдида соқий фаришталар май қадаҳларида жаннатийларни суғориб туришади. Аллоҳ таоло уларга яхши кўрган нарсалари билан хитоб қилиб, гўё: “Агар имон келтирсангиз, сизларга охиратда бу дунёда яхши кўрган нарсаларингизга ўхшаши бўлади”, демоқда.
46. оппоқ, ичувчилар учун лаззатбахшдир;
Жаннатийларга у ерда улашиладиган май оппоқ рангли, ўта лаззатбахш бўлади. Бу майларга занжабил, салсабил каби хушбўй нарсалар аралаштирилган бўлади. Салсабил жаннатдаги бир булоқнинг номи бўлиб, суви жуда ёқимли, ютими осондир. Ҳасан Басрий айтади: “Жаннатнинг майи сутдан оқ, асалдан ширинроқдир”.
47. ундан на бошлари оғрийди, на сархуш бўлишади.
Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳадисларида дунёда хамр ичганлар, агар ўлимларигача тавба қилишмаган бўлса, охиратда жаннат майидан ичишмайди, деганлар. Жаннат аҳлига охиратда тайёрлаб қўйилган хамр-шароб дунёдагисидан буткул фарқ қилади: дунёда хамр ичганлар унинг ёмонлигидан ҳар томонлама зарар кўришса, жаннатдаги хамр асло бандаларга зиён етказмайди, аксинча уларга лаззат бағишлайди. Жаннат майидан ичганларнинг ундан боши ҳам оғримайди, сархуш ҳам бўлишмайди.
48. Олдиларида нигоҳини тийган оҳукўзлар борки;
Жаннатда унинг аҳлига аталган оҳу кўзли, ниҳоятда гўзал ва хуш-бичим ҳурлар бўладики, улар кўзларини бегона эркакка қаратмайдилар, яъни нигоҳларини бошқаларга қаратишдан тийиб, ҳамиша қуйи тушириб, ибо билан юрадилар. Ибн Зайд айтадики, “Ўша оҳукўз ҳурлар эрларига: “Аллоҳимнинг иззатига қасамки, жаннатда сендан гўзалроқ ҳеч нарса кўрмаяпман”, дейди”.
49. улар ўраб қўйилган тухум кабидирлар.
Ўша оҳу кўзли ҳурлар жаннатийлар учун шунақанги авайлаб-яшириб асралганки, улар худди тухумнинг икки қават пўст билан ҳимоялангани каби бўлишади. Ҳасан ва Ибн Зайд шундай дейишган: “У оҳукўзлар туяқушнинг ўз патлари билан шамол ва ғубордан беркитиб сақлаб турган тухумига ўхшатилади. У тухум оқликда жуда ҳам оппоқ ва бу аёллар рангларининг энг гўзалидир”.
50. Шунда бир-бирларидан савол-жавоб қилишади.
Инсон қалби жуда нозик: унда хотиржамлик бўлмаса ёки ёқтирмаган нарсаси қалбини эгаллаб олган бўлса, унга ҳеч нарса сиғмай қолади. Одамлар ҳам, улар билан кўришиш ва суҳбат қуришлар ҳам ёқмайди. Қалб хотиржам бўлса, бунинг устига Аллоҳнинг олий мукофотлари қўлга кирган бўлса, бу ҳолатда қалб ҳам яйраб кетади, хурсандчилик, сафо ва ором излаб қолади. Жаннат аҳли ҳам у ердаги роҳат-фароғат, дунё ҳаётидаги солиҳ ва яхши амаллари учун тайёрлаб қўйилган турфа неъматлар ва мукофотларни кўриб, ниҳоятда хушнуд бўлишади. Улар охиратда жаннат бўлишини эшитишган, аммо бу ерда бунчалар лаззат ва ором бўлишини ўйлаб кўришмаганди. Ўзлари азиз ва мукаррам ҳолда шойи кўрпачалар тўшалган баланд сўриларда бир-бирларига юзланиб ўтиришибди. Атрофларида хизматкор ғуломлар мусаффо ва ниҳоятда тотли шаробларни косаларга қуйиб, айлантириб юришибди. Бу шаробдан ичганларнинг боши оғримайди, кўнгли айнимайди, маст ҳам бўлишмайди. Жаннатийларнинг кўнгли тусаган неъматлар шу заҳоти муҳайё қилинади. Уларнинг хизматларига эрларидан бошқага қиё ҳам боқмайдиган, кўзлари оҳуларникидай катта ва қора хурлар ҳозиру нозир туришади. Уларнинг ранглари оқ ва қизил аралашган, ўзлари ҳаддан ташқари иболи ва ҳаёли, қоматлари сарвдай, ахлоқлари энг марғуб жуфтлардир. Одатда инсонлар дунё ҳаётида гўзал суҳбатларни, чиройли мажлисларни қуришарди. Жаннатда ҳам уларнинг бир-бирлари билан суҳбат қуриш иштиёқи пайдо бўлади, бир-бирлари билан савол-жавоблар қилиб, ўзаро суҳбатлашишни истаб қоладилар. Уларнинг суҳбатлари ҳам кайфиятлари каби ўта ёқимли: ўтган ишларни эслашади, ҳозирги ҳолатларига шукрлар айтишади ва ўзларининг дўзах азобига учраб қолмаганларидан миннатдор бўлишади.
51. Улардан бири айтади: «Менинг бир яқиним бор эди.
Жаннат аҳлларидан бири шундай ҳикоя қилишни бошлайди: “Дунёда яшаб юрганимизда менинг бир яқин танишим бор эди. У охиратга, инсонларнинг ўлгандан кейин қайта тирилишларига мутлақо ишонмас эди. Ҳозир сизларга ўшанинг қиссасини сўзлаб бермоқчиман”.
52. У шундай дерди: «Сен ҳам тасдиқловчиларданмисан;
Яъни, ўша яқиним охиратда инсонларнинг қайта тирилишларига ўзининг ишонмагани у ёқда қолиб, мени ҳам бунда ўзига шерик бўлишимни истарди. У мендан “Сен ҳам ўлгандан кейин қайта тирилишимизни тасдиқлайдиган одамлар тоифасиданмисан?” деб сўрарди.
Инсонда Аллоҳга, Унинг буюк яратувчилик қудратига, охиратга имон бўлмаганидан кейин у турли йўлларда адашиб юради, чин ҳақиқатни кўра олмайди. Ўзининг жоҳиллигини яширади, илоҳий ваҳийларни ёлғонга чиқаради. Бу ҳам етмагандай бошқаларнинг ҳам ўзи каби гумроҳлиқца қолишини истайди.
53. ўлгач, тупроқ ва суякка айлансак ҳам жазога тортиламизми?!»
Жаннатга мушарраф бўлган мўмин киши гапида давом этиб айтяптики, “Ўша танишим доимо мендан шундай саволларни сўрарди: «Сен ҳам ўлгандан кейин қайта тирилишни тасдиқлайсанми? Биз ўлиб, қабрга кўмилгач, маълум муддатдан кейин танамиз чириб,тупроқ ва суякларга айланиб кетсак ҳам Аллоҳ қайта тирилтириб, жазолайдими? Ахир бу ақлга сиғмайдиган нарса-ку, ўлиб тупроққа аралашиб кетган одамни қайта тирилтиришдан не муддао?».
Уламолар ҳам, ҳакимлар ўлгандан кейин қайта тирилишнинг борлигини дунёдаги энг буюк ҳақиқат ҳисоблашади. Исломнинг буюк адолати шундаки, у бу дунё ортидан охират дунёси борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида инсон дунё ҳаётидаги олтмиш-етмиш йиллик қисқагина умрини меҳнат-машаққатлар, уруш-жанжаллар, турли касаллик ва фалокатлар, хўрлик ва изтироблар ичида совуриб, эвазига ҳеч қандай мукофот олмай ўтиб кетган бўлур эди. Дунёда ҳақсизлик, зулм, қийноқ, адолатсизликларга дуч келганида «Бунинг эвазига охиратда ажр борку!» деган улуғ таскин-тасаллини топа олмаган бўлур эди. Исломнинг буюк адолати шундаки,уўлгандан кейин қайтатирилиш борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида, ўлим инсон учун энг катта фожиа, кулфат, адолатсизликка айланган, уни ўрганиб қолган ҳаётидан, яқинларидан, мол-мулкидан, мавқе-мартабасидан бир лаҳзада узиб қўядиган золимликка айланган бўлур эди. Инсон бир куни ўлимдан қўрқа-қўрқа жон берган ва ҳайвонлар каби ўлиб кетиб, тупроқда беному-нишон чириган бўлур эди. Исломнинг буюк адолати шундаки, у охиратда Ҳисоб-китоб борлигини эълон қилди. Агар шун-дай бўлмаганида дунёни ҳақсизлик, фитна-фасод, зулм-истибдод, зўравонлик ва муттаҳамлик босиб кетган бўлур эди. Исломдан че-кинган ёки узоқда бўлган жамиятларнинг ҳозир ҳам ана шу кулфатлар исканжасидан чиқа олмаётгани бунга ёрқин далилдир.
54. «Сизлар уни кўряпсизларми?» дейди.
Яъни, сўзлаётган мўмин киши жаннатдаги сўриларда бирга ўтирган суҳбатдошларидан сўради: «Сизлар ўша яқинимнинг дўзахдаги аҳволини кўряпсизларми?” Улар “Йўқ”, деб жавоб қилишди. Ҳақиқатан, суҳбатдошлари унинг кўраётган нарсасидан бехабар эдилар.
55. Шунда ўзи ҳам қараб, уни дўзахнинг ўртасида кўргач;
Сўнгра жаннатий мўмин гапини тугатиб бўлиб, ўзи дўзах томонга қараган эди, дунё ҳаётида Аллоҳга имон келтирмаган, охиратга ишонмай ўтган яқинини дўзахнинг ўртасида кўрди ва унга қараб шундай деди:
56. у айтди: «Аллоҳга қасамки, мени ҳам ҳалок қилишингга оз қолган экан;
Яъни, жаннатий мўмин киши дўзахдаги яқинига қарата шундай деди: “Агар Парвардигоримнинг лутфу марҳамати бўлмаганида менинг ҳам ўзингга ўхшаб дўзахга тушишимга сабаб бўларкансан. Яхшиямки, Аллоҳ берган ақл билан ҳидоят ва залолатни ажрата олибман, акс ҳолда бугун сенга ўхшаб ҳалокатга юз тутишга, дўзахда абадий жазоланишга маҳкум бўлиб қоларканман”.
57. агар Парвардигоримнинг неъмати бўлмаганида мен ҳам ҳозир қилинувчилардан бўлур эдим».
Мухлис-мўмин банда дўзах ўртасида турган яқинига қараб яна айтди: “Агар Парвардигорим томонидан менга берилган имон неъмати, Ислом неъмати бўлмаганида бугун мен ҳам сенга ўхшаб дўзахда азоб тортишга ҳозир қилинганлардан бўлиб қоларканман. Агар сенинг алдовинг ва ширин сўзларингга учганимда ўзимнинг жаннатдаги ҳозирги мақомимни дўзахдаги абадий азобга алмаштириб юборган бўларканман. Аллоҳга шукрки, У мени ҳидоят йўлига йўллади, сенинг иғво-фитналарингдан асради”.
Дарҳақиқат, Аллоҳ бандаларини Ўзига ибодат қилишлари учун азиз ва мукаррам, ердаги халифа қилиб яратиш билан бирга уларни имтиҳон ҳам қилмоқчи бўлган ва одамзотга икки йўлни - имон ва ҳидоят йўлини, куфр ва залолат йўлини рўпара қилиб қўйган. Биринчи йўлни танлаганлар Аллоҳга бўйсунишади, Ундан қўрқишади, Аллоҳ кўрсатганидай фақат солиҳ, эзгу амаллар қилиб ўтишади. Буларнинг эвазига абадий роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннатда яшаш билан мукофотланишади. Иккинчи йўлни танлаганлар эса Аллоҳга ширк келтирган, шайтон васвасасига, нафс истагига учиб, умрини гуноҳ ва қабиҳ ишлар билан ўтказган, елга совурганлардир. Улар чексиз азоб-уқубат ўчоғи бўлмиш жаҳаннамда абадий азоб чекиш билан жазоланадилар.
58. «Биз ўлмас эканмизми;
Мўмин киши энди дўзахга тушган яқинига қарата шундай деди: “Сен дунё ҳаётида охиратга ва ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмаган эдинг. Мана, қаршингда бунга ишонганларнинг жаннат боғларида роҳат-фароғатда ўтиришгани, сенга ўхшаган имонсиз ва осийлар эса дўзах азобига гирифтор бўлганини кўриб турибсан. Қани энди менга айтчи, дунёда ўлмас эканмизми, охиратда қайтадан тирилмас эканмизми?”
59. ўша биринчи ўлимимиздан бошқа-я?! Биз азобланмас ҳам эканмизми;
Жаннатдаги мўмин киши сўзида давом этиб, дўзахдаги яқинига шундай деяпти: “Мана, ўзинг кўриб турганингдек, биринчи марта ўлганимиздан кейин қайта тирилдик, энди ўлмаймиз, роҳат-фароғатда бўламиз, жаннатда абадий қоламиз. Яъни, у дунёдаги имонимиз ва ибодатимизнинг мукофоти сифатида жаннатда мангу қоламиз, бу ерда азоб ва машаққатлар бўлмайди, ҳамиша роҳат-фароғатда, неъматлар ичида бўламиз”.
60. албатта мана шунинг ўзи катта ютуқдир;
Жаннатий яна шундай дейди: “Сен охиратни ва ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор этиб, нимага эришдинг, нимани қўлга киритдинг? Ўша осийлигинг учун, инкоринг учун мана бугун дўзах азобига қолиб ўтирибсан, Энди биз, жаннат аҳлларининг сен инкор қилган ҳақиқатларга имон келтириб, нималарга сазовор бўлганимизга бир қара! Бизлар имонимиз сабабли эришган мақом жуда катта ютуқ ҳисобланади. Жаннатдаги роҳатга тўла абадий ҳаёт, Парвардигоримизнинг жамоли ва розилигидан ҳам катта ютуқ бўлиши мумкинми?
61. амал қилувчилар шундай ютуқ учун амал қилсинлар».
“Амал” сўзи луғатда «фаолият, ҳаракат» маъноларини билдиради. Истилоҳда бандаларнинг Аллоҳ розилигини топиш, Унинг амр-фармонларини бажариш йўлида олиб борган барча вазифалари, савоб ишлари ва ибодатлари «амал» дейилади. Ислом эътиқодига кўра мусулмонлар яхши амаллари учун ажр-мукофотга эришадилар, ёмон-гуноҳ ишлари учун азобланадилар. Оятда айтиляптики, ким амал қилмоқчи бўлса, ушбу биз эришган неъматлар тўла Наъим жаннатига эришиш учун амал қилсин. Жаннатдаги роҳатбахш ҳаёт, турфа мевалар, лаззатли шароблар ва бошқа неъ-матларни исташса, бизга ўхшаб имон келтиришсин, ёлғиз Аллоҳга сиғиниб, Унинг розилиги йўлида яхши амалларни қилишсин.
Мухлис-мўмин бандаларгатайёрлаб қўйилган жаннат, ундаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ноз-неъмат ва иззат-икромлар васфидан кейин кейинги ояти карималарда кофир, мунофиқ ва осийларнинг аҳволи, уларга тайёрлаб қўйилган жазо-азоблар ҳақида сўз кетади.
62. Бундай зиёфат яхшими ёки заққум дарахтими?
Эй инсонлар, қани холис айтингларчи, жаннатдаги тўкин ва оромбахш ҳаёт ва ундаги турфа неъматлардан тайёрланган зиёфат яхшими ёки дўзахнинг энг тубидан ўсиб чиққан заҳарли заққум дарахтининг мевасидан еб, очлик ва ташналикни қондиришми? “Заққум” сўзи ўлим келтирувчи деган маънони англатиб, унинг мевалари инсонни ўлимга олиб боради. Тафсирларда бу дарахтнинг лаънатлангани ҳақида ҳам ёзилган.
63. Биз уни золимлар учун фитна қилдик.
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз зақкум дарахтини золимлар, яъни кофир ва мушриклар учун фитна-синов қилиб қўйдик. Улар зақкум сабабли фитнага, синовга дучор бўлишди. Мушриклар «Жаҳаннамда «заққум» деган дарахт бўлар экан» деган гапни эшитганларида «Ҳмиша олов ёниб турадиган дўзахда қанақасига дарахт ўсиши мумкин, ахир у оловда куииб кетмайдими?» деб масхара қилишди. Макка мушрикларининг бошлиқларидан бири Абу Жаҳл бўлса: “Эй Қурайш жамоаси! Муҳаммад сизларни қўрқитаётган заққум нималигини биласизларми?” деб сўради. Улар: “Йўқ”, деб жавоб беришди. Абу Жаҳл: “У сариёғ аралаштирилган Ясриб хурмоси! Худога қасамки, агар имкон бўлса, бир маза қилиб заққум ейлик!” деди киноя билан. Бу жоҳил кофир ва мушрикларнинг ҳар қачонги сафсата сотишидан дарак бериб турибди. Улар ҳамма замон ва маконда ҳам доимо Ислом, Қуръон, Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам ҳақларида ана шундай кайфиятда бўлишади. Жоҳилликлари туфайли турли масхараомуз гап-сўзлар, туҳмат, ҳақорат ва кинояларни тарқатиб юришади. Лекин уларнинг жоҳиллиги ва калтафаҳмлиги билан ҳақиқат ўзгариб қолмайди, улар айтаётган нарса сифатини ўзгартириб қўймайди. Ҳамма нарса барибир ўз ҳақиқатини топади. Ибн Аббос розияллоху анхумодан ривоят қилинади: «У киши Аллоҳ таолонинг «Биз сенга кўрсатган нарсаларни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни одамлар учун синов қилдик, холос...» (Исро, 60) деган сўзи ҳақида: «У ўнгида кўриш бўлиб, бу Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга Байтул-Мақдисга сайр қилдирилган кечалари кўрсатилган. «Қуръонда лаънатланган дарахт» - заққум дарахтидир», деган» (Бухорий ривояти).
64. Дарҳақиқат, у дўзах қаъридан чиқувчи бир дарахтдир.
Қуръони карим энди заққум дарахтининг қандайлиги ҳақида баён қилишга киришади. Дўзахийлар учун заққум дарахти тайёрлаб қўйилган бўлиб, унинг илдизи дўзахнинг энг тубидан ўсиб чиқаркан. У ўт-олов ичидан ўсиб чиққани учун ҳам ўтда куймайди. Мушриклар бу дарахтни ва унинг ҳақида сўзлаган Пайғамбарни калака қилиб туришаверсин, ҳали унинг ўтда куймаслиги ва аччиқ мевасидан тотиб кўришлари аниқ бўлганида уларнинг ҳолига боқасизлар.
65. Унинг бутоқлари худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди.
Араб тилида мевали дарахтнинг гули ҳам, бутоқлари ҳам «толъун» дейилади. Бу оятда заққум дарахтининг бутоқлари худди шайтонларнинг бошларига ўхшатилмоқда. Шайтоннинг боши қанақалиги ҳақида аниқ тасаввур бўлмаса ҳам фаразан улар энг хунук, жирканч ва қўрқинчли ҳолда бўлиши ҳис этилади. Демак, заққум дарахтининг мева тугар жойи, бутоғи энг хунук, жирканч ва қўрқинчли бир нарса экани аён бўлади. Замахшарийнинг ёзишича, бу манзара ифлослик, хунуклик ва қабиҳликни билдиради, зотан заққум дарахти ҳам, шайтон ҳам ўзида бутун қабоҳат ва нафрат қўзғайдиган жирканчликни мужассам қилган бўлади.
66. Албатта, улар ундан еювчи ва қоринларини у билан тўлдирувчилардир.
Одатда бирор таом ёки егуликни танага қувват, нафсга лаззат бўлиши учун истеъмол қилинади. Аммо дўзахий кофир, мушрик ва осийлар ўша хунук, жирканч ва қўрқинчли, шайтонларнинг бошларига ўхшаган зақкум дарахтининг меваларини еб, на қувват, на лаззат олишади. Уларни доимий очлик ва ташналик қийнаб юборганидан ана шу жирканч ва фойдасиз меваларни ейишга мажбур бўлишади. Ибн Касир шундай ёзади: “Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳдан муносиб даражада қўрқинглар, агар зақкумнинг бир томчиси денгизга тушгудай бўлса, Ердаги одамлар буткул ҳалокатга юз тутган бўлишарди. Ундан еганларнинг ҳоли не бўларкин?” Ҳолбуки, дўзахийларнинг асосий емишлари зақкум бўлгани учун ундан қоринлари қаппайгунча ейишади, аммо қоринлари тўймайди, еганлари сари азоблари янада ошиб бораверади.
67. Сўнгра уларга бунинг устидан қайноқ сув аралаштириб ҳам берилади.
Дўзахийларнинг азоби фақат заққум дарахти мевасини еб, азобланиш билан тугамайди. Улар қоринларини ана шу заҳардай мевалар билан тўлдириб олишганидан кейин чанқашади, сув ичгилари келади. Ибн Касирнинг ёзишича, шунда уларнинг бўғзиларига жуда қайноқ сувни йиринг ва бошқа чиркинликларга аралаштирган ҳолда қуйилади. Улар ташналикларини ана шундай азоб ичра “қондирадилар”. Бу эса уларнинг қийноқларини яна кучайтириб юборади.
68. Кейин уларнинг қайтар жойи албатта дўзах сари бўлади.
Улар заққум дарахтининг мевасидан еб, устидан йиринг аралаш ўта қайноқ сувни ичиш билан ҳам қутулиб кетишмайди. Улар дўзах қаърида заққум мевасига тўйишганидан кейин янги жазо жойига олиб чиқилади, жазоларини олишганидан сўнг яна дўзах тубига ташланади ва ҳаммаси янгитдан бошланади.
69. Чунки улар ота-боболарини адашган ҳолда топдилар.
Бу гумроҳ кимсалар нега бунчалик оғир жазо ва азобларга мубтало бўлишди? Чунки улар адашган ота-боболарига тақлид қилиб, уларнинг йўлидан кетишган эди. Ўзларини охиратдаги оғир азоб-лардан огоҳлантирган Пайғамбарнинг сўзини инкор этишган, Парвардигорларига ўта осийлик қилишган эди. Улар ота-боболарининг залолат йўлида эканини билиб туришса ҳам ўз ғурурлари ва кибрларига маҳлиё бўлиб, Ҳақни танишни истамаган эдилар. Энди уларнинг ўзлари ҳам, уларнинг ота-боболари ҳам ҳидоят йўлини тарк этишгани учун мана шундай аянчли бир ҳолатда дўзах азобини тортишмоқда.
70. Ўзлари ҳам уларнинг изидан чопишмоқда.
Ҳар бир инсон хатокор, ҳамма ҳам адашади. Агар ортидан тавба-тазарру, надоматлар қилинса, ҳар қандай гуноҳ ва хато кечирилади. Аллоҳ таоло ана шу хатокор инсонларга тўғри йўлни кўрсатиш, хатоларнинг олдини олишни ирода этиб, барча замон ва маконларда Ўзининг пайғамбарларини, даъватчи ва муаллимларини юбориб турган. Аммо инсонларнинг кўплари уларга қулоқ солишмади, ҳақ йўлдан боришни исташмади, қилган гуноҳларига тавба қилишга шошилишмади. Ҳолбуки, Аллоҳнинг пайғамбарлари ҳидоят йўлини кўрсатиб, охиратдаги азоблардан огоҳлантириб турган бир пайтда ақлни ишлатмаслик, адашган ота-боболарига тақлид қилган ҳолда уларга кўр-кўрона эргашиш ўта жоҳилликдир. Кофир ва мушрикларнинг юқоридаги аҳволга тушишларининг сабаби шуки, улар ўз оталарининг залолатга кетган, тўғри йўлдан адашганини билишсада, ақлларини ишлатиб, тўғри йўлга юриш, Аллоҳга имон келтириб, Исломга кириш ўрнига, ўша оталарига кўр-кўрона эргашмоқдалар.
71. Улардан аввалгиларнинг кўплари ҳам адашган эдилар.
Инсоният тарихи ҳамиша бир хил кечадигандай туюлади. Бутун тарих давомида Аллоҳ таоло инсонларнинг фойдасини кўзлаб, уларга икки дунё саодати ёр бўлишини истайди, ҳидоятга буришни, залолатдан қайтаришни хоҳлайди. Аммо ношукр инсонлар Аллоҳнинг огоҳлантиришларини эътиборга олмай, яна адашувда юришаверади. Уларга пайғамбарлар ва даъватчиларнинг ваъз-иршодлари ҳам таъсир қилмайди, кўз ўнгиларида қанчалаб авлодларнинг осийлик ортидан ҳалокатга юз тутгани ҳам сабоқ бўлмайди.
72. Ҳолбуки, уларнинг ораларига огоҳлантирувчилар юборгандик.
Жоҳиллик, ҳақни кўрмаслик ва фаҳмламаслик инсониятнинг энг катта гумроҳлигидир. Агар уларга солиҳ ва тақволи мўминларни охиратдаги мукофот, осий ва мушрик кимсаларни эса азоблар кутаётгани ҳақида огоҳлантирувчи пайғамбарлар ва даъватчи муаллимлар юборилмаганида эди, адашган кимсаларнинг ҳолини тушунса бўларди. Аммо улар ҳақни кўра-била туриб ҳам, ўтмишдаги қавмларнинг оқибатидан ибрат олиш имкони бўлатуриб ҳам ақлларини ишлатишмади, ҳақ йўлга бурилишмади.
73. (Эй Муҳаммад), энди огоҳлантирилганларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг.
Ушбу ояти каримада Макка мушриклари шунча огоҳлантиришларга қарамай имонга келишмаганидан ниҳоятда ташвишга тушиб қолган охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга таскин-тасалли берилмоқда. Эй Пайғамбарим, сиздан илгари ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончига чиқариб, уларга итоатсизлик кўрсатган қанчалаб қавмларни ҳалок қилганмиз. Энди ана шу азобимиздан огоҳлантирилган кимсаларнинг оқибати қандай бўлишини кўраверасиз.
74. Аллоҳнинг ихлосли бандалари мустасно.
Аммо Аллоҳга ибодат ва итоатда бўладиган, Ундан қўрқадиган, гуноҳларига тавба қилиб, Парвардигоридан мағфират сўрайдиган бандалар бундан мустаснодир. Улар Аллоҳнинг ҳидоят учун танлаган, ихлосли бандаларидир. Булар учун энг олий маънавий манзилларнинг дарвозалари ланг очиб қўйилган. Бундай саодатманд кишилар барча замонларда, барча пайғамбарларнинг даврларида ҳам бўлишган. Аллоҳнинг тақводор бандаларидан ташқари аксарият кишилар хато йўлга юзланишга мойил бўлишади, шунинг учун уларни ҳидоятга бошлашда пайғамбарга эҳтиёж туғилади.
Қуръони каримнинг шундан кейинги оятларида қавмларни тўғри йўлга бошлаш учун юборилган айрим пайғамбарлар қиссасини мухтасар ҳолда баён қилишга киришилади.
75. Қасамки, Нуҳ Бизга нидо қилди. Биз нақадар яхши ижобат қилгувчимиз.
Аллоҳ таоло инсонларга ибрат ўлароқ пайғамбарлари васфини бошлаб, энг олдин Нуҳ алайҳиссаломни зикр қиляпти. Нуҳ алайҳиссалом жоҳил ва адашган қавмини минг йилга яқин имонга чақириб ҳам йўлга сола олмади. Шунда Аллоҳ таоло улар устига улкан тўфон балосини юборди. Ҳаммаёқни сув босди, қутулишга асло имкон қолмади. Шунда уни ёлғонга чиқарган кофир ва мушрикларнинг қаттиқ қаршилигига учраган Нуҳ алайҳиссалом Парвардигорига илтижо билан бу балодан қутқаришни сўраб, дуо қилди. Оят давомида Аллоҳ азза ва жалла бандаларининг чин дилдан қилган дуосини ижобат қилиши ҳақида хабар беряпти: Нуҳга ўхшаб холис илтижо этган бандаларимизнинг дуоларини доимо ижобат қиламиз. Биз дуоларни энг яхши қабул қилувчидирмиз. Мана, Нуҳнинг сўраганини ҳам ижобат этдик.
76. Уни ва аҳлини буюк ташвишдан қутқардик.
Оятдаги “аҳл” сўзи Нуҳ алайҳиссаломнинг оиласинигина англатмайди, балки бу сўз Нуҳ алайҳиссаломга эргашувчиларга ҳам тааллуқлидир. Аллоҳ таоло айтяптики, Биз пайғамбаримиз Нуҳни ва унга имон келтирган барча мўминларни улкан тўфон балосидан ва батамом қирилиб кетиш хатаридан омонда сақлаб қолдик. Нуҳга улкан кема ясашни ва унга ўзига эргашган барча мўминларни чиқариб олишни буюрдик ва улар оммавий балодан қутулиб қолишди.
77. Ва унинг зурриётларини, ўзларини боқий қолувчилардан қилдик.
Пайғамбарга итоатсизлик кўрсатган барча одамлар тўфон балосида тамоман қирилиб кетганидан сўнг Нуҳ алайҳиссалом билан бирга қутулиб қолган одамлардан янги авлодлар тарқалди. Тарихчилар Нуҳ алайҳиссаломдан кейинги инсон наслининг Нуҳ пайғамбар фарзандлари Сом, Ҳом ва Ёфасдан тарқаганини ёзишади.
78. Кейингиларга унинг учун (олқишлар) қолдирдик:
Аллоҳ таоло айтяптики, қиёматгача келадиган авлодларни Нуҳ алайҳиссаломга фақат мақтов ва олқишлар йўллаб ўтадиган қилиб қўйдик. Дунё тургунча келадиган авлодлар уни мақтаб ўтишади. Ҳақиқатан, дунё халқларининг яҳудийлардан ташқари ҳаммасида Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфон қиссаси мавжуд.
79. «Барча оламларда Нуҳга салом бўлсин!»
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Нуҳ алайҳиссаломга барча оламлардан - фаришталар, инсонлар, жинлар оламидан салом йўлламоқда. Аллоҳ таолонинг Ўзи Нуҳ алайҳиссаломга салом йўллаганидан кейин барча оламлардан ҳам пайғамбар алайҳиссаломга саломлар айтилади.
80. Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
Аллоҳтаоло имон ва эзгулик йўлида қилинган ҳар ишни ана шундай мукофотлайди. Нуҳ алайҳиссалом ва унинг мўмин эргашувчиларини ҳам улкан тўфон балосидан қутқариб, бу наслнинг қиёматгача дунёда боқий қолишини ирода этди. Аллоҳнинг бу марҳамати улкан мукофот бўлиб, бу фақат Нуҳ алайҳиссалом ва унинг эргашувчиларигагина хос эмас. Аллоҳтаоло Нуҳ алайҳиссаломга ўхшаш яхши, солиҳ амалларни қилувчи, Аллоҳнинг Сўзи олий бўлиши учун курашувчи, бу йўлда учрайдиган ҳар қандай синовларга сабр билан бардош берувчи ҳар бир бандасига шундай мукофотлар беради.
81. Чунки у мўмин бандаларимиздандир.
Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларидан бўлгани учун Парвардигорининг ана шундай катта мукофотларига сазовор бўлди. У Аллоҳга имон келтирган, солиҳ, яхши амалларни қилган, Аллоҳга берган аҳдига вафо қилиб, Унинг рисолатини инсониятга етказгани учун Парвардигорининг мукофотларига эришди.
82. Сўнгра бошқадарни ғарқ қилдик.
Аллоҳтаоло Нуҳни ваунга имон келтирганларни тўфон балосидан қутқарганидан кейин қолган барча кофир ва мушрик кимсаларни сувга ғарқ қилди, ҳалокатга учратди. Бу, Аллоҳ таолонинг инсониятга нисбатан қонуни (суннати) эди. Бундан барча замон ва маконлардаги кофир ҳамда мушрик кимсалар ибрат олишлари керак.
83. Ҳақиқатан Иброҳим ҳам унинг гуруҳидандир.
Дарҳақиқат, Иброҳим алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломдан сўнг анча замонлар ўтганидан кейин келган бўлса-да, аслида унинг гуруҳидандир, чунки уларни ҳақ динга даъват қилишлари, Аллоҳ таолонинг Сўзи устун бўлиши йўлида етган озор-азиятларга чиройли сабр қилишлари бир хил эди. Шунингдек, барча пайғамбарлар ҳам ўзларидан олдинги набий ва расулларни қўллаб-қувватлаб келишган. Улар олиб келган шариатларда жузъий фарқлар бўлса ҳам, асл манбалари бир бўлган.
84. Ўшанда у Парвардигорига тоза қалб билан келган эди.
Яъни, эй оқил инсон, ўшанда Иброҳим алайҳиссалом Парвардигори - Аллоҳ таолога тоза қалб билан - қалбини куфр, ширк, ғилли-ғашлик, ҳасад, алдов, нифоқ ва риё хасталикларидан пок тутган ҳолда келган эди. Оятда “Парвардигорига келди” дейиш билан Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳтаолога тўла таслим бўлганлари, Ҳаққа даъват қилишда ихлосли бўлганлари ва Парвардигор йўлида ҳамма нарсага тайёр эканлари билдирилмоқда.
85. Ўшанда отасига ва қавмига шундай деган эди: «Нимага ибодат қиляпсизлар;
Ушбу хитоб билан Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси ва қавми билан тавҳид борасидаги машҳур баҳс-мунозаралари бошланади. Яъни, у киши отасидан ва қавмидан “Сизлар ягона Холиқингиз ва Парвардигорингиз бўлган Аллоҳни қўйиб, нималарга ибодат қилиб юрибсизлар?”.
86. Аллоҳдан ўзга сохта “илоҳ”ларни истайсизларми;
Яъни, Аллоҳдан бошқага ибодат қилишингиз, сиғиниш учун сохта “илоҳ”ларни исташингиз уларни Аллоҳга шерик қилишингиз билан баробардир. Агар шуни истаётган бўлсанглар, бу билан Аллоҳни инкор этаётган, соғлом қалб эгалари қабул қилмайдиган эътиқодга юз бурган бўласизлар.
87. оламлар Парвардигори ҳақида қандай гумонингиз бор?!»
Иброҳим алайҳиссалом сўнгра қавмни ширк йўлида кетишдан огоҳлантириб шундай дедилар: “Бутун оламларнинг ягона яратувчиси ва Парвардигори бўлган Аллоҳ ҳақида яна қандай гумонларга боряпсизлар? Агар Ундан бошқага ибодат қилсангиз, сизларни яратиб, ризқ бераётган Аллоҳ таолонинг жазосига гирифтор бўлиб қоласизлар. Шубҳа йўқки, У сизларни бу қилмишларингиз учун қаттиқ ҳисоб-китоб қилиб, кейин аламли азоблар билан жазолайди. Шундай бўлгач, сохта “илоҳ”ларингизни тарк этиб, ягона Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишга ўтинглар”. Айтаётган гапларининг қавмга таъсир қилмаганини кўрган Иброҳим алайҳиссалом энди бошқача йўл тутдилар:
88. Шунда у юлдузларга назар солди.
Муфассирларнинг ёзишларича, Иброҳим алайҳиссалом қавмининг машҳур байрамлари бўлиб, улар ўша кунлари боғ-сайлгоҳларга ўйин-кулги ва кайфу сафо қилиш учун чиқишар эди. Байрамга кетишдан олдин эса сохта “илох”лари олдига турли мева-чева, таомлар қолдириб кетишарди. Ўйин-кулги ва кайфу сафодан қайтиб келгач, ўша нарсаларни табаррук таом сифатида қайтариб олишар эди. Ўз қавмларининг тўғри йўлга юришидан, ҳақни танишидан умидларини узган Иброҳим алайҳиссалом ўзларича режа тузиб, ана шу байрам кунини кутдилар. Қавмнинг саркашлиги, итоатсизлиги ва бузуқ эътиқодидан юраги сиқилиб, ҳаловатини йўқотган пайғамбар қавмнинг оқибати ҳақида ўйлай-вериб, қайғуравериб, мушкул аҳволга тушиб қолган эди. Одамлар у кишини байрамларига бирга боришга таклиф қилишди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом ҳам гапларига ишонтириш учун худди улар каби юлдузларни ўрганаётгандай осмонга бир қараб олдилар-да, бормасликларини айтдилар. Айтишларича, Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми бут-санамларга сиғиниш билан бирга юлдузларни ҳам улуғлаб, уларнинг оламга таъсири бор деб, эътиқод қилишарди. Қавмнингўз байрамини нишонлаш учун шаҳар ташқарисига боришга шошаётганини кўрган Иброҳим алайҳисса-лом юлдузларга бир қараб олиб, улар билан бормаслик учун жўяли бир сабаб топишга қарор қилдилар.
89. Сўнг: «Мен бетобман», деди.
Қавмнинг кирдикорларига куявериб, ҳузур-ҳаловатини, соғлиғи-ни йўқотаёзган пайғамбар рост айтаётган эдилар. Иброҳим алай-ҳиссалом ўзларининг бетобликларини айтдилар.
90. Дарҳол ундан юз ўгириб кетишди.
Шошилиб турган одамлар бу гапдан кейин дарҳол Иброҳим алай-ҳиссаломни қолдириб, ўз йўлларига кетишди. Улар кетишганидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом ибодатхонада олдиларига таом уюб ташланган сохта “илоҳ”лар билан ёлғиз ўзлари қолдилар.
91. Шунда уларнинг “илоҳ”лари олдига аста келиб айтди: «Емайсизларми;
Яъни, қавм ўз байрамига жўнаб кетгач, Иброҳим алайҳиссалом уларнинг бут-санамларига яқинлашиб, истеҳзо билан шундай дедилар: “Эй бут-санамлар, анави жоҳиллар сизларни улуғлаб олдингизга қўйиб кетган таом ва мевалардан емайсизларми?” Жонсиз бут-санамлар сира овқат емаслигини билсалар ҳам пайғамбар уларни калака қилиш учун таомга таклиф қилган эдилар. Ҳақиқа-тан олдига қўйилган таомни ҳис қила олмайдиган бут-санамларни илоҳ санаб, уларга сиғиниш, илтижо қилиш, улардан ёрдам сўраб, мағфират кутиш ақлли инсонлар учун ниҳоятда қабоҳат, ақлсизлик, нодонлик эди.
92. Сизларга нима бўлди, гапирмайсизлар ҳам?!»
Иброҳим алайҳиссалом саволларига бут-санамларнинг лом-мим демай, жавоб қайтармай турганини кўриб, уларни янада қаттиқроқ масхара, калака қилиш учун “Сизларга нима бўлдики, ҳатто гапирмаяпсизлар ҳам?” деган саволни бердилар. Пайғамбарнинг бу саволида инсонлар сиғиниб юрган бут-санамларнинг нақадар ожизлиги устидан истеҳзо, уларга нисбатан ғазаб-нафрат бор эди.
93. Сўнг уларга яқинлашиб, ўнг қўлидаги билан урди.
Яъни, Иброҳим алайҳиссалом бут-санамларга яқинлашиб, уларни ўнг қўлларидаги болта билан уриб, синдира бошладилар. Ушбу ҳодиса Қуръони каримнинг бошқа бир оятида шундай баён этилади: “Аллоҳга крсамки, сизлар кетганингиздан кейин санамларингизни бир бало ҳиламан”. Шунда уларни парчалаб ташлади. Факрт “Каттасига крйтишса”деб, ўшанигина (қолдирди)» (Анбиё, 57-58).
94. У томон шоша-пиша келишди.
Иброҳим алайҳиссалом бутларни синдириб бўлгач, қалблари бироз бўлса-да таскин топди, руҳлари ором олди, ғам-ташвиш ва ғазабдан қутулдилар. Мушриклар байрамларини ўтказиб қайтгач, бутларини ерда чил-парчин бўлиб ётганини кўрди. Нима бўлганини аниқлаш учун Иброҳим алайҳиссаломнинг олдиларига шоша-пиша, бир-бирларини туртиб-суртиб етиб келишди.
95. У айтди: «Ўзингиз йўниб ясаган нарсаларга ибодат қиласизларми?!
Уларни кўрган Иброҳим алайҳиссалом қилган ишларини тан олдилар ва мантиқий бир савол билан қарши олдилар: “Сизларнинг ақлингиз қаерда қолдики, таом ҳам емайдиган, ҳатто сўзлашга ҳам қодир бўлмаган бут-санамларга сиғиниб юрибсизлар? Ахир буларни ўз қўлингиз билан тош ва ёғочдан йўниб, ясаб олгансизлар-ку! Иложсиз, жонсиз, ҳеч нарсага ярамайдиган ҳайкал-бутларга ибодат қиласизларми?! Ахир илоҳ деган зот яратилмайди, балки ўзи яратувчи бўлиши керак-ку!
96. Ҳолбуки, сизларни ҳам, сиғинаётганларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!»
Иброҳим алайҳиссалом мушрикликдан воз кеча олмаётган қавмларига шундай хитоб қилдилар: “Сизларни сохта илоҳларингиз эмас, Парвардигорингиз Аллоҳ яратганини ўзларингиз ҳам тан оласизлару унда нега ўзингиз йўниб-ясаб олган бут-санамларга сиғинасизлар? Сизларни ҳам, сизлар сиғинаётган ўша бутларингизни ҳам Аллоҳнинг Ўзи яратган. Дунёдаги ягона яратувчи Аллоҳ бўлганидек, бутун борлиқдаги ибодатга сазовор ягона Зот ҳам Аллоҳдир. Шундай экан, ибодатга муносиб Ўша ягона Зотга сиғинмай, нима учун ўзингиз йўниб олган буту санамларга ибодат қилмоқдасиз?!”.
97. Улар: «Унинг учун бино қилинглар, уни гулханга отинглар!» дейишди.
Саркаш ва золим қавм Иброҳим алайҳиссаломнинг юқоридаги хитобларидан тўғри хулоса чиқариб олмади. Кофирларнинг доимий одатларига кўра, ақлий ва мантиқий баҳсда енгилганидан кейин куч ишлатишга ўтди. Жиноятчи мушрик қавмнинг одамлари бир-бирларига «Иброҳимни жазолаш учун катта гулхан ёқиладиган бир жой, улкан ўчоқ барпо қилинглар, унга олов ёқиб, Иброҳимни гулханга отинглар», дейишди.
98. Улар унга макр-ҳийла қилмоқчи бўлишган эди, Биз уларни тубан-мағлуб қилдик.
Аллоҳтаоло айтяптики, “Жиноятчи мушрик қавм Иброҳим алай-ҳиссаломга макр-ҳийла ишлатиб, гулханда ёқмоқчи, пайғамбаримизни ҳалок қилмоқчи бўлган эди. Биз гуриллаган оловни Иброҳим учун салқинлик ва омонликка айлантириб, уни қутқариб қолдик ва мушрикларнингўзини тубанхор этиб, мағлуб қилдик”. Ҳақиқатан, Аллоҳ таолонинг лутфу инояти олдида бандаларининг қўлидан ҳеч қандай иш келмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи мухлис бандасини сақлайман, деса, хоҳлаган йўл билан сақлаб қолади.
99. Ва у айтди: «Мен Парвардигоримга кетувчиман, У мени ҳидоят қилади;
Яъни, Иброҳим алайҳиссалом одамларни Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига даъват қилиб, уларни ширкдан қайтардилар. Аммо жоҳил ва нодон қавм пайғамбарга эргашмади, ҳатто унинг отаси ҳам ҳақ йўлни истамади. Улар пайғамбарга эргашиш ўрнига уни ҳалок қилиш мақсадида гулханга ташлаб куйдирмоқчи бўлишди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом бу юртни ташлаб кетишга, Аллоҳ буюрган жойга кўчишга қарор қилди. «Мен бу жойларни ташлаб, Парвардигорим амр этган ерларга кетаман. Унинг Ўзи мени тўғри йўлга ҳидоят қилади», деди. У киши Аллоҳ учун ватанларини, аҳл-оилаларини, яқинларини, иш-манфаатларини бутунлай ташлаб кетишга қарор қилдилар. Соф ниятларини тушунмаган нобакор қавмдан, ўзлари ўрганиб қолган эски одатларни тарк этишни хоҳламаётган золим кимсалардан воз кечишни хоҳладилар. Фақат Аллоҳ билан қолишни, фақат Аллоҳдангина ёрдам сўрашни ва фақат Аллоҳ айтганидек яшашни ихтиёр қилдилар. Чунки Аллоҳ истаган бандасини тўғри йўлга йўллаб қўяди. Қатода розияллоҳу анҳунинг айтишича, Иброҳим алайҳиссалом одамлардан биринчи бўлиб хотини Биби Сора билан Шом ерларига кўчиб ўтган зотдирлар. Ўша пайтгача Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўрмаган эдилар. Юртларидан кетгач, ёлғизликда Аллоҳдан фарзанд сўрадилар. (“Тафсири Қуртубий”, 15-жилд, 96-бет).
100. Парвардигорим, менга солиҳлардан ато эт».
Иброҳим алайҳиссалом она юртлари Ироқни ташлаб, Шом юртига одамларни Аллоҳтаолога холис ибодат қилишга чорлаш учун кетаётган эдилар. Шунинг учун у зот Парвардигорларидан ўзларини ҳидоят қилишни ва бир солиҳ фарзанд ато этишни сўрадилар. Яъни, эй Парвардигорим, Сендан ҳидоят билан бирга бир солиҳ зурриёт беришингни ҳам сўрайман. Токи у Сен рози бўладиган бандалардан бўлсин, Сенинг амрингни тарқатиш ва Каломингнинг ҳамма нарсадан устун бўлишини таъминлашда менга ёрдамчи бўлсин.
101. Шунда унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик.
Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, Биз Иброҳим алайҳиссаломнинг дуосини мустажоб қилиб, Ўз фаришталармиз орқали унга ҳалим, итоаткор, гўзал хулқлар билан безанган бир солиҳ ўғилнинг хуш-хабарини бердик. Бу ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд одам учун буюк бир хушхабар эди. Узоқ давом этган фарзандсизликдан кейин фарзандли бўлиш қанчалик бахт! Узоқ давом этган фарзандсизликдан сўнг айниқса, ўғилли бўлиш ҳар қандай отани севинтириб юборади. Бунинг устига ўша ўғилнинг ҳалим, солиҳ бўлиши нур устига нур эди. Бу туғилган саодатманд фарзанд келажакда пайғамбарлардан бўлиши кутилаётган Исмоил эди!
102. Ўзи билан юрадиган бўлганида: «Эй ўгилчам, тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, бу ҳақда нима фикринг бор?» деди. У: «Эй отажон, сенга буюрилганини бажар, иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсан», деди.
Исмоил отасининг қарамоғида улғайиб, у кишининг баъзи ишларида ёрдамлашиб юрадиган бўлганида бир куни Иброҳим алайҳиссалом унга шундай дедилар: “Эй ўғилчам, тушимда сени қурбонликка сўяётганимни кўриб қолдим, бу нарса борасида сенинг қандай фикринг бор, бунга қандай қарайсан?” деди. Ўғилнинг жавоби эса ота кутганидан ҳам зиёда бўлди: “Эй отажон, Аллоҳ сизга мени сўйишни буюрган экан, сиз буюрилган ишни бажараверинг, иншааллоҳ, мен бу қисматга рози бўлган ҳолда сабр қиламан”.
Ояти каримадаги ота-бола ўртасидаги ушбу савол-жавоб инсоният тарихига Аллоҳ йўлида кўрсатилган фидокорликнинг энг буюк намунаси, Аллоҳ таолога нисбатан одобнинг энг юқори чўққиси, Аллоҳ йўлида ҳатто фарзандни ҳам бахшида қилиш мумкинлиги тимсоли сифатида кирди. Оятдан келиб чиқадики, Аллоҳ таолонинг амри борасида ота ва ўғил ўзаро маслаҳат қилишмоқда. Лекин Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари рози бўладими-йўқми, барибир Аллоҳнинг амрини албатта бажарар эдилар. Бўлаётган ишларни ўғилларининг эътиборига ташлашларидан мурод, оғир ишни сал енгиллатиш, Исмоил алайҳиссаломга сабот ва сабр тилаш эди. Исмоил алайҳиссаломнинг жавоби эса у кишининг буюк саботи, ҳар қандай синов ва мусибатларни кўтара олиши, Аллоҳ таолонинг ҳукмига ҳамиша бош эгиб тайёр эканини англатар эди.
Аллоҳ таоло пайғамбарларини ҳам ана шундай синовлар билан имтиҳон қилади. У Зот барча пайғамбарларига ҳаёт довонларида Ўзи илҳом бериб, ахлоқ-одобнинг энг юқори чўққисига чиқишлари, имон келтиришлари ва шунга ўхшаш кўп ишларда сабр-матонат ато этган. Иброҳим алайҳиссалом ҳам умр бўйи жоҳил, мушрик, Аллоҳни танимаган ва тан олмаган бир қавм билан жанжал-баҳс қилиб ўтдилар, улар томонидан етган турли озор-жафоларга чидадилар, ҳатто улар ўлдириш учун катта гулханга отган пайтда ҳам қўрқувга тушмай, Парвардигорларига таваккул қилдилар. Қавмни ҳидоятга бошлашга кўзлари етмай, ноилож қолган Иброҳим алай-ҳиссалом охири ватанларини, яқинларини, уй-жойларини, барча манфаатларини тарк этиб, бошқа бир юртга кўчиб кетдилар. Ёшлари улғайиб, фарзанд кўришдан умидлари узилган бир пайтда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ҳалим бир ўғилни ато қилди. У киши ўғилларини кўз қорачиғидек авайлаб-асраб катта қилдилар. Ёлғиз ўғил Иброҳим алайҳиссалом билан бирга юрадиган бўлиб, ота ёнига кирган чоғда, муфассирларнинг айтишларича, ўн уч ёшга тўлганида Аллоҳ таоло томонидан Исмоилни Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш амри келиб қолди. Энди бир тасаввур қилинг: ота кексайган чоғида кўрган ёлғиз жигарбандини курбонлик қилмоқчи, бу нарса унга тушида аён қилинди. Пайғамбарларнинг туши ваҳий бўлгани учун Иброҳим алайҳиссалом тушини Аллоҳнинг амри деб қабул қилди. Бу Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган одамга яна бир катта синов эди. Имонли ва холис бандалардан бўлган Иброҳим алай-ҳиссалом илоҳий амрни ўзига хос босиқлик, хотиржамлик ва ишонч билан қабул қилиб олдилар. Иккиланмадилар, қандай бўлар экан, деб оқибатини ўйлаб ўтирмадилар, бундан қутулиш учун бошқа чораларни ахтармадилар. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор эди: сўйилиши лозим бўлган қурбонлик одам эди, унинг жони, қони, эс-ҳуши, ақли бор эди. Иброҳим алайҳиссалом фарзандларидаги шу жиҳатларни ҳисобга олиб, Исмоилнинг бу ишга қанчалик тайёрлигини синаш учун унинг ўзига маслаҳат солган эдилар.
103. Иккови ҳам бўйсуниб, пешонаси билан ётқизган эди;
Ота ҳам, ўғил ҳам Аллоҳнинг амрига бўйсунишди: ота ёлғиз ўғлини Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишга, ўғил эса шу йўлда сўйилишга рози бўлишди. Ота ўғли Исмоилни пешонаси билан ерга ётқизиб, сўйишга ҳозирланди. Ушбу ҳолат тўғрисида уламолар баъзи маълумотларни зикр қилиб ўтишган: “Отаси ўғлини қурбонлик қилиш учун ётқизганида у шундай деди: “Отажон, мени маҳкам боғлаб қўйинг, токи қимирлаб, сизга ҳалақит бермай; кийимингизни қайириб олинг, қоним унга сачраб, онам уни кўриб қолганида мени эслаб ғам чекмасин; пичоқни яхшилаб ўткирлаб олинг, токи мени сўйиш осон бўлсин. Уйга қайтганда онамга мендан салом айтинг”.
104. унга пгундай нидо қилдик: «Эй Иброҳим;
Аллоҳ таоло айтяптики, Иброҳим ўғлини қурбонлик қилиш учун ётқизганида Биз Ўз фазлу карамимизни уларга ато қилдик, уларнинг имони ва ихлосини синовдан ўтказдик ҳамда Иброҳимга шундай нидо қилдик:
105. ҳақиқатан сен тушни тасдиқладинг! Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз».
Аллоҳ таоло Пайғамбарига шундай хитоб қилди: “Эй Иброҳим, сен буюрилган ишни қилдинг, тушингда кўрганларингни мукам-мал адо этдинг. Бу сенинг имонда содиқлигинг ва ихлосинг кучли эканидан дарак беради. Ота-бола қуруқ гап билан кифояланмадинглар, фидокорликларингизни амалда бажардинглар. Илоҳий амрдан кўзланган мақсад амалга ошди. Яъни, бандаларим тамоман Менга бўйсунишлари, амрларимга сўзсиз итоат этишлари, ҳар ишда фақат Менинг розилигимни кўзлашларини ирода қилиб, бу ишга сизларни йўллаган эдим. Менга бандаларимнинг жони ҳам, қони ҳам керак эмас, Менга уларнинг имони, ихлоси, садоқати, итоати муҳимдир. Биз Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломларнинг бошига тушган мусибатдан фориғ қилдик, даражаларини кўтардик, ташвишларини аритдик. Биз яхши амал қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз. Аслида уларни бу синовга танлаб олишнинг ўзи катта мукофот эди. Чунки шу синовлар орқали улар улкан савобларга, олий мартабаларга эришдилар. Иброҳим алайҳиссалом учраган синов юзаки қараганда бало ва мусибат бўлиб кўринса-да, аслида улкан илоҳий мукофот, олий мақомларга эришиш омили эди. Шундай синов бўлмаганида, Иброҳим алайҳиссалом қиёматгача фидокорлик тимсоли бўлиб қолмас эдилар, қурбонлик қилиш суннатлари қиёматгача давом этиб бормас эди, барча халқ ва миллатларга ўрнак бўлмас эдилар, исмлари илоҳий китобларда зикр қилинмас, номлари ибодатларда тиловат этилмас эди.
106. Бу албатта очиқ-ойдин имтиҳондир.
Яъни, икки пайғамбарни синаш аслида очиқ-ойдин Аллоҳнинг имтиҳони эди. Бу имтиҳонда кучли имон заифидан ажралади. Бу синовни фақат сабр-тоқатли, салим қалб эгалари ва оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолога чин ихлосли бандаларгина кўтара олишади. Иброҳим алайҳиссаломга ўғилларини курбонликка сўйиш амри ана шундай синов эди, у зот бундан шараф билан ўтдилар.
107. Унинг ўрнига улуғ қурбонликни эваз қилдик.
Яъни, «Биз Исмоилнинг ўрнига жаннатдан чиқарилган катта бир қурбонликни сўйишни эваз қилиб бердик». Иброҳим алайҳиссалом ўғлини қурбонлик учун сўйишга тайёрланаётганида Аллоҳ таоло Исмоилнинг ўрнига сўйиш учун жаннатдан катта бир қўчқорни ато этди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйдилар. Бу ишлар Минода - ҳозирги кунда мусулмон ҳожилар қурбонлик сўядиган жойда бўлиб ўтди. Шундай қилиб, инсоният тарихидаги ўша буюк фидокорлик ҳодисаси ҳар йили такрорланадиган ибодатга айланди, мусулмон уммати ҳар йили туя, қорамол, қўй-эчки каби ҳайвонлардан бирини Аллоҳ йўлида қурбонликка сўядиган бўлди. Қурбонлик ҳам худди закот каби ҳижратнинг иккинчи йилида шариатга киритилган бўлса-да, унинг тарихи анча узоқларга - Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади ва у зотдан бизга суннат бўлган. Бу ибодатда ҳам ихлос муҳим ўрин тутади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга уларнинг гўштлари ҳам, ҳонлари ҳам етмайди. Лекин У Зотга сизларнинг таҳво-ихлосингиз етади» (Ҳаж, 37). Бу ибодат хусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилинган: «Расулуллоҳ оқ рангли, шохдор икки қўчқорни қурбонлик қилардилар» (Муслим ривояти). Қурбонлик қилиш қурби етадиган одамларга, яъни нисоб миқдорида бойлиги бор кишиларга, Имоми Аъзам мазҳабига кўра, вожибдир. Бошқалар суннат, дейишади.
108. Кейингиларга унинг учун (олқишлар) қолдирдик:
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз Ўз фазлу эҳсонимиздан бир нишона сифатида Иброҳим алайҳиссалом учун кейин келадиган умматлар орасида яхши хотира ва мақтовлар қолдирдик, яъни дунё тургунча келадиган авлодларни уни мақтаб-олқишлаб ўтадиган қилиб қўйдик.
109. «Иброҳимга салом бўлсин!»
Яна қиёмат кунигача Иброҳим алайҳиссаломга Биздан ва бошқа барча имонли бандаларимиздан салом ёғилиб турадиган қилиб қўйдик. Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг Ўзи салом айтмоқда! Саломини қиёматгача боқий мўъжизаси - Қуръони карим орқали эълон қилмоқда! Аллоҳ таоло у зотга салом йўллашни мўмин бандаларига ҳам буюргани учун улар ҳар куни намозларида беш маҳал Салавоти Иброҳимияни ўқиб, у кишига салом йўллашади. “Салавоти Иброҳимия” ушбулардир: «Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадив ва ъалаа оли Муҳаммад. Кама соллайта ъалаа Иброҳима ва ъалаа оли Иброҳим. Иннака ҳамидум мажид. Аллоҳумма барик ъалаа Муҳаммадив ва ъалаа оли Муҳаммад. Кама барокта ъалаа Иброҳима ва ъалаа оли Иброҳим. Иннака ҳамидум мажид». (Маъноси: Аллоҳим! Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтига Ўз раҳматингни нозил қилганингдек, Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оила аъзоларига Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин! Албатта, Сен мақталган, улуғланган Зотсан! Аллоҳим! Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтига Ўз баракангни нозил қилганингдек, Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оила аъзоларига Ўз баракангни нозил қилгин! Албатта, Сен мақталган, улуғланган Зотсан). Бу ҳол у зот алайҳиссаломнинг шаън ва қадрлари Аллоҳ ҳузурида нақадар юксаклигини яна бир бор кўрсатади.
110. Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
Аллоҳ таоло яхшилик қилувчи имонли ва солиҳ бандаларини ҳамиша олий мукофотлари билан тақдирлаб келган ва қиёматгача шундай қилади. Қай бир банда яхши амал қилса, Парвардигорига тоатда, ибодатда бўлса, Аллоҳ таоло ўша бандасини пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга ато қилган мартаба ва мақомлар билан тақдирлайди. Иброҳим алайҳиссаломнинг бунчалик олий мақомга эришишининг бош сабаби унинг мўминлиги ва яхши амалларни қилганидир.
111. Чунки у мўмин бандаларимиздандир.
Иброҳим алайҳиссалом ҳам Аллоҳ таолонинг имонида содиқ турувчи, Унга ҳамиша ихлос билан бўйсунувчи солиҳ бандаларидандир. У барча ишларини, фидокорлик ва дину диёнат учун курашишини, ҳижрати ва ҳатто фарзандини қурбонлик ьтилишга уринишини ҳам имони тақозоси билан қилди. Шунинг учун ана шундай олий мақомларга, Парвардигорининг мукофотига сазовор бўлди.
112. Яна унга солиҳлардан бўлган пайгамбар Исҳоқнинг хушхабарини бердик.
Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссаломни мукофотлаши фақат юқоридаги нарсалар билан кифояланиб қолмади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга солиҳ пайғамбарлардан Исҳоқнинг туғилиши ҳақида хушхабар берди: “Фаришталаримиз Иброҳимга хушхабар келтиришди ва «Салом» дейишди. У ҳам «Салом» деди ва тезда бузок, кабобини келтирди. Унга кўл узатишмаганини кўриб, улардан ҳайрон бўлди ва ичида кўрҳувга тушди. Улар: «Қўрҳма, биз Лут қавмига юборилганмиз», дейишди. Ёнида турган хотини кулиб юборди. Унга Исҳок, ва Исҳоҳдан кейин Яъқуб ҳақида хушхабар бердик” (Худ, 69-71). Исҳоқ алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг иккинчи ўғли бўлиб, унинг биринчи хотини Сорадан туғилган эди. Яъқуб алайҳиссалом ана шу Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғли бўлган.
113. Ва унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Икковларининг зурриётидан яхшилик қилувчи ҳам, ўзига аниқ зулм қилувчи ҳам бўлади.
Яъни, Иброҳим алайҳиссаломга ҳам, унинг ўғли Исҳоқ алайҳис-саломга ҳам Аллоҳ таолонинг баракоти берилган. Бу баракот шундан иборат эдики, икковининг наслидан пайғамбарлар чиқадиган қилиб қўйилди. Уларнинг наслидан ким ўша пайғамбарларга эргашса, яхшилик қилган бўлади. Агар ким эргашмаса, имонсиз кетиб ўз жонига аниқ зулм қилган бўлади. Келгуси оятлардан бошлаб Аллоҳнинг пайғамбарларидан Мусо алайҳиссалом билан Ҳорун алайҳиссалом қиссалари баён қилинади.
114. Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга неъмат бердик.
Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Мусо ва Ҳорун алайҳимасса-лом бир ота-онанинг фарзандлари, яъни ака-ука эдилар. Аллоҳ таоло уларга ҳам пайғамбарлик неъматини ато этган ва Исроил қавмини имонга чорлаш вазифаси билан ана шу қавмга юборган.
115. Икковларига ва қавмларига катта ташвишдан нажот бердик.
Мусо ва Ҳорун алайҳимассалом Аллоҳ таолонинг амри билан золим ҳукмдор Фиръавннинг зулми остида қолган қавмларини унинг зулмидан ва имонсизликдан қутқарди. Икки пайғамбарга эргашган қавмни Фиръавн лашкари таъқиб қилиб қуваётганида Аллоҳ таоло денгизни иккига ажратиб, уларга йўл очиб берди. Улар ортидан қувиб сувга кирган Фиръавн ва унинг аскарларини денгизга ғарқ қилиб ҳалок этди. Шу тариқа улар катта ташвишдан қутулиб қолишди.
116. Биз уларга нусрат бердик, шунда улар ғолиб бўлишди.
Мусо ва Ҳорунларнинг қавми ҳақ йулда бўлгани учун Аллоҳ таоло уларга нусрат-зафар берди. Фиръавн ва унинг қавмига қарши тенгсиз курашда Мусо ва Ҳорун ҳамда уларга эргашган қавм ғолиб чиқиб, Аллоҳ таолонинг ҳимояси остида бўлди.
117. Биз уларга аниқ китобни бердик.
Ояти каримадаги “мустабин” сўзи худци “мубин” каби бир хил маънони, яъни “аниқ, очиқ”ни англатсада, “мустабин” сўзи “мубин”дан маънода бироз фарқланади. Биринчи сўз “нарсаларни баён этишга кўмаклашувчи” деб таржима қилинса, иккинчисини эса “аниқ баён этувчи” деб ўгирса бўлади. Бу икки тушунча Таврот ва Қуръоннинг васфига тўла мувофиқ келади. Яъни, «Биз Мусо ва Ҳорунга баёни мукаммал, аҳкомлари аниқ Таврот китобини бердик».
118. Ва икковларини тўғри йўлга ҳидоят қилдик.
Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарлари Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломни Ўзининг ҳақ йўлига, ҳидоят йўлига йўллаб қўйган. Бу ҳам Парвардигорнинг икки пайғамбарга ато этган улуғ неъматларидандир. Улар Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилишди ва Парвардигорларининг розилигига мушарраф бўлишди.
119. Кейингиларга иккови учун (олқишлар) қолдирдик:
Ушбу суранинг 78-оятида Аллоҳ таоло қиёматгача келадиган ав-лодларни Нуҳ алайҳиссаломга фақат мақтов ва олқишлар йўллаб ўтадиган қилиб қўйгани ҳақида хабар берганидек, ер юзида ҳаёт тугагунча миннатдор авлодлар Мусо ва Ҳорунни ҳам қиёматгача олқишлаб, мақтаб, яхшилик билан эслаб юрадиган бўлдилар.
120. «Мусо ва Ҳорунга салом бўлсин!»
Аллоҳ таолонинг ушбу икки пайғамбарига ато этган неъматлари фақат шулар билан тугамайди. Бу неъматлар Парвардигорнинг уларга юборган саломи билан янада юқори чўққисига кўтарилади. Чунки Аллоҳтаолонинг саломига мушарраф бўлган саодатманд инсонларга фаришталар ва инсонларнинг ҳам саломи бўлади.
121. Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз!
Дунёдан Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон-ихлос билан ўтиб, яхшилик қилганлар албатта Парвардигорларининг олий мукофотларига сазовор бўлишади. Мусо ва Ҳорунни мукофотлагани каби Аллоҳ таоло яхшилик қилувчи ҳар бир бандасини мукофотидан қуруқ қолдирмайди. Қуръони каримда яхшилик (эҳсон) қи-лувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Яхшиликнинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам - яхшилик, бировни кечириш ҳам - яхшилик, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам - яхшилик, ҳатто ўзгаларга яхши муомала қилиш ҳам - яхшиликдир.
122. Чунки иккови мўмин бандаларимиздандир.
Иккала пайғамбар ҳам имон тақозоси билан Аллоҳнинг йўлида Фиръавнга ва унинг зулмига қарши кураш олиб боришди, куфр ва ширкнинг йўлини тўсишда жонбозлик кўрсатишди. Бу йўлда бошларига тушган бало-мусибатларга чиройли сабр қилишди. Чунки улар Парвардигорларига чин дилдан имон келтирган мўмин бандалардан эдилар.
123. Илёс ҳам албатта пайғамбарлардандир.
Илёс алайҳиссалом Бани Исроилга юборилган пайғамбарлардан биридир. Улар Илёс алайҳиссаломни «Илья» деб аташади. У киши Ҳорун алайҳиссаломнинг наслидан бўлиб, Илёс ибн Ёсин деб номланган. У киши ҳозирги Сурия ерларидаги бир қавмга юборилган. Ўша қавм «Баъл» (ҳукмдор) деган санамга ибодат қилар экан.
124. Ўшанда у қавмига айтди: «Тақво қилмайсизми;
Илёс алайҳиссалом ўша бутга сиғинувчи қавмини Аллоҳ таолонинг ягоналигига имон келтириш, муқаддас китоблари Тавротга амал қилишга даъват қилди. Чунки Мусо алайҳиссалом вафотидан сўнг Бани Исроил қавмининг эътиқоди бузилган, ахлоқи тубанлашган, Тавротга амал қилишни унутган, ўзлари ягона Аллоҳни қўйиб, Баъл каби бут-санамларга сиғинишни бошлаб юборган эди. Шунда Илёс алайҳиссалом қавмни тақво қилишга, яъни Парвардигордан қўрқишга, Унга ҳеч бир нарсани шерик қилмасликка чақирди.
125. Баълга ибодат қилиб, яратувчиларнинг энг яхшисини тарк этасизми?
Илёс алайҳиссалом қавмга қарата: “Баълдан воз кечинглар, яккаю ягона Аллоҳга сиғининглар, Унгагина ибодат қилинглар”, деб насиҳат қилди. Агар Баълдан воз кечишмаса, яратувчиларнинг танҳоси ва энг яхшиси бўлган Аллоҳ таолога қайтишмаса, Унинг қаттиқ азоби бўлишидан огоҳлантирди.
126. Ўз Парвардигорингиз ва аввалги ота-боболарингизнинг Парвардигори - Аллоҳни-я?!»
Илёс алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар каби қавмини ягона Аллоҳга сиғинишга даъват қилди. Нуҳ алайҳиссалом ҳам, Иброҳим алайҳиссалом ҳам бутпараст қавмларини шунга даъват қилишганди. Инсоният тарихидаги барча пайғамбарлар ўз қавмларини тавҳидга, ягона, ҳеч бир шериги ва ўхшаши бўлмаган Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишга чорлаб ўтишган. Иброҳим алайҳис-салом бутга сиғинувчи отасини ва қавмини Аллоҳнинг тавҳидига чақиргани каби Илёс алайҳиссалом ҳам қавмни ўзи ва ота-боболарининг ягона Парвардигори Аллоҳни тарк этмасликка чорлаяпти.
127. Шунда уни ёлғончига чиқардилар. Улар албатта ҳозир қилинувчилардир.
Лекин Аллоҳ қалбларини муҳрлаб қўйган нодон қавм пайғамбарга қулоқ солмади, уни ёлғончига чиқарди, имон келтирмади ва унга эргашмади. Аллоҳнинг ғазаби ва азобидан қўрқиш ўрнига сиғиниб юрган бути Баълга ибодат қилишда давом этиб, Аллоҳ таолонинг ибодатини тарк қилди. Шунинг учун энди улар қиёмат куни дўзах азобини тотишлари учун ҳозир қилинишади. Бутпарастликлари учун абадий азоб ва жазога қолишади.
128. Аллоҳнинг ихлосли бандаларигина мустасно.
Аллоҳдан қўрқувчи, Унга бўлган имонида собит турувчи ихлосли бандалар дўзах азобидан омонда қолишади. Аксинча улар учун жаннатда инсон хаёлига келмайдиган турфа неъматлар, ором ва лаззатлар, энг асосийси Парвардигорларининг жамолини кўриш каби олий мукофотлар тайёрлаб қўйилган.
129. Биз кейингиларга унинг учун (олқишлар) қолдирдик:
Нуҳ, Мусо ва Ҳорун каби пайғамбарларга нисбатан қилингани каби қиёматгача ер юзига келадиган миннатдор авлодларни Аллоҳ таоло Илёсни мақтаб-олқишлаб ўтадиган қилиб қўйди.
130. «Илёсинга салом бўлсин!»
Аллоҳ таоло Илёсинга салом йўллаяпти. Ушбу оятдаги «Илёсин» сўзи нимани ёки кимни англатиши ҳакида уламолар турлича фикрларни айтишган. Улардан баъзилари «Илёс сўзи «фосила» (оятларнинг охирини бир-бирига ўхшатиш) учун ушбу шаклда келтирилган» дейишса, бошқалари «Илёсин сўзи Илёснинг кўплиги, яъни “Илёс ва унга эргашган мўминларга салом бўлсин” дегани» деб тафсир қилишган. Имом Табарий айтади: “У Илёс ибн Ёсиндир, унинг ҳақида Аллоҳ “Илёсга салом бўлсин” деган”.
131. Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
Оятдаги “яхшилик қилувчилар” деб таржима қилинган “муҳсинин” сўзи Аллоҳга имон келтириб, Унинг тоат-ибодатида бўлганларни англатади. Аллоҳ таоло Ўзига имон келтирган мўмин бандаларини ҳамиша тақдирлаб келган. Уларни дунё ҳаётида имон ҳаловати ва тўғри йўлда юришнинг нашъаси билан сийласа, охиратда абадий роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннат боғларидаги осуда ва бахтли ҳаёт билан тақдирлайди. Худди шу каби Аллоҳ азза ва жалла Илёс ва унга эргашган мўминларни ҳам ана шундай гўзал оқибат билан мукофотлайди.
132. Чунки у мўмин бандаларимиздандир.
Аллоҳга имони билан икки дунё саодатини қўлга киритган мўминларгина қиёматда Парвардигорлари тайёрлаб қўйган ажру мукофотларга, энг асосийси Унинг розилигига мушарраф бўлишади. Чунки улар имон тақозоси билан Аллоҳнинг йўлида курашишди ва ана шу олий мақомларга эришишди. Имон банда қўлга киритган энг буюк имкониятдир, саодатга элтувчи нажот кемасидир. Абу Ҳанифа «Фиқҳи акбар»да шундай деган: «Аллоҳтаоло инсонларни яратганида куфр ва имондан холи қилиб яратган. Сўнгра уларга хитоб қилиб, баъзи нарсаларга буюрган, баъзиларидан қайтарган. Шундан кейин ким куфрни танлаган бўлса, демак у ўз ихтиёри билан ҳақиқатни инкор этган бўлади ва Аллоҳ таолонинг тавфиқидан маҳрум бўлади. Шунингдек, ким имонни танлаган бўлса, у ҳам ўз ихтиёри, иқтидори, тасдиғи ва Аллоҳнинг тавфиқи ҳамда ёрдами билан имон келтирган бўлади”.
Шу билан Илёс алайҳиссаломнинг қиссаси тугаб, яна бир пайғамбар Лут алайҳиссаломнинг қиссаси бошланади:
133. Лут ҳам албатта пайғамбарлардандир.
Лут алайҳиссалом ҳам Аллоҳ таоло томонидан инсонларга илоҳий рисолатни етказиш вазифаси билан юборилган пайғамбарлардандир. У қавмини Аллоҳнинг ваҳдониятига, Унинг ҳидоят йўлига чорлаш вазифаси билан улар орасига келган эди. Аммо ақли фасод, маънавий қашшоқлик дардига мубтало бўлган, одоб-ахлоқда энгтубан, залолатга муккасидан кетган, яхшиликка адоватда бўлган қавм буткул бузуқ-ликка ботган эди. Улар инсонлар у ёқда қолиб, ҳатто ҳайвонлар ҳам қилмайдиган бузуқлик - бесоқолбозлик, яъни эркакларнинг эркаклар билан жинсий алоқа қилишига мубтало бўлишган эди. Қавм Лут алай-ҳиссаломга эргашишни истамади, ҳатто уни ва унга эргашганларни “булар ҳаддан ташқари покиза одамлар экан” деган “айблов” билан яшаётган шаҳарларидан ҳайдаб чиқаришга қарор қилди.
134. Ўшанда унга ва барча аҳлига нажот бердик.
Фаҳш ишларга муккасидан кетган қавм Аллоҳнингогоҳлантириш-ларини, пайғамбарнинг насиҳатларини назарга илмади, бузуқлигини ташламади. Охири уларнинг расволиги шунга бориб етдики, Лут алайҳиссаломнинг ҳузурига хушрўй йигитлар қиёфасида келган Аллоҳнинг фаришталарига ҳам тажовуз қилиш режасини туза бошлашди. Шунда Аллоҳ бу разил қавм устига Ўз балосини юбориб, барчаларини ҳалок этишни ирода қилди ва эрта тонгда шаҳар устига сопол тош ёғдирди. Ундаги одамларни батамом ҳалок этгач, шаҳарни таг-туги билан йўқ қилиб юборди. Фақат Лут алайҳиссалом ва унинг имонга келган оиласигина Аллоҳнинг азобидан нажот топиб, омон қолишди.
135. Аммо бир кампиргина қолувчилардан бўлди.
Лут алайҳиссаломнинг қариб қолган хотини имонга келмагани туфайли нобакор қавм дучор бўлган азобга учради. Бу хотин имонга келмагани устига қавмнинг бузуқ ишларини маъқуллар, уларга ёрдам бериб ҳам турар эди. Қатодадан ривоят қилинишича, бу хотин эри Лут билан бирга шаҳардан чиққан. Аммо азоб келганидан сўнг ортига назар солиб, “Оҳ, қавмим”, деган. Шунда унга ҳам тош тегиб, ҳалок бўлган.
136. Сўнгра бошқаларини ҳалок қилдик.
Аллоҳ таоло жинояткор қавм устига осмондан сопол тошларни ёғдириб, барчаларини ҳалок қилди ва маконларини остин-устин қилиб ташлади. Қуръони каримда бу шундай баён қилинади: “Улар ўз масканларида тентираб юрган ҳолларида тонг пайтида уларни даҳшатли бир ҳичҳирик, тутди” (Ҳижр, 73).
137. Сизлар улар устидан ўтиб турасизлар тонгда ҳам;
Ушбу оятлардаги хитоб Макка мушрикларига қаратилган. Ҳақиқатан, Лут алайҳиссаломнинг гуноҳкор қавми яшаб ўтган масканлар одамлар доимо ўтиб турадиган йўл устида бўлиб, маккалик мушриклар Ҳижоздан Шом юртига қиладиган тижорий сафарларида айнан мана шу ердан ўтишарди. Тижоратчилар эрта тонгда ҳам, кечқурунлари ҳам бузуқ қавмдан қолган харобаларнинг асоратини кўриб туришарди.
138. ва кечда ҳам. Ахир ақл юритмайсизларми?!
Жинояти учун Аллоҳнинг ғазабига ва балосига учраган Лут қавми яшаб ўтган шаҳар харобаларидан кечалари ва кундузлари ўтиб турган мушриклар нега уларнинг қисматидан ибрат олишмайди? Аллоҳ таоло золимларнинг оқибати нима билан тугашини келгуси авлодларга эслатиб туриш учун улар яшаган юртнинг вайрона ва асоратларини ибрат учун қолдирган. Токи, улар куфр ва туғёнларидан холи бўлиб, вақтида имонга келишсин, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатсизлик қилишмасин! Ақл юритган одам бандаларнинг қилмишларига яраша Аллоҳ азобини юбориб, уларни ер юзидан йўқ қилиб юбориши мумкинлиги ҳақида мулоҳаза қилсин, бу аломатлардан ибратлансин, имон сари юзланиб, Парвардигорнинг розилигини топсин! Ушбу хитоб барча замон ва маконларга, жамики кофир ва мушрикларга доимий қаратилгандир. Улар ибрат олиб, ақл ишлатиб, фурсат борида ўзларини ўнглаб олишлари лозим.
139. Юнус ҳам албатта пайғамбарлардандир.
Ушбу оятдан бошлаб Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Юнус алайҳиссалом қиссаси бошланади. Юнус алайҳиссалом Мусулдаги Найнаво аҳлига пайғамбар қилиб юборилган эди. Бу ерда зулм ва жаҳолат авж олган эди, одамлар Аллоҳга имон келтиришдан бош тортишганди. Пайғамбар алайҳиссалом уларни Аллоҳнинг динига чақирди. Аммо қавм бу даъватни қабул этмай, куфридан кечмади. Бу ҳолат Юнус алайҳиссаломни қаттиқ дарғазаб қилди. У юртни ҳам, қавмни ҳам ташлаб, Найнаводан чиқиб кетди ва тўғри денгиз сари йўл олди.
140. Ўшанда у тўлган кемага қочганди.
Қавми унинг даъватларига қулоқ солмай, итоатсизлик қилавергач, Юнус алайҳиссалом қавмининг нодонлигидан қочиб бориб, сафарга отланиб турган одам тўла кемага чиқиб олди. Йўлда қаттиқ довул турди. Ҳалокат яқинлигини сезган кемадагилар офатдан қутулиш йўлини ахтариб қолишди. Нима чора кўриш кераклиги ҳақида маслаҳатлашишди. Кемачилар: «Орамизда хожасидан қочган қул борга ўхшайди. Ўша сувга отилмагунча балодан қутулиш-нинг иложи йўқ», дейишди. Лекин ўша қул ким эканини ҳеч ким билмасди.
141. Шунда қуръа ташлашди ва мағлуб бўлди.
Қочган қулнинг ким эканини қуръа ташлаб аниқлашга қарор қилишди. Кемадагилар маслаҳатни бир жойга қўйиб, кемадан сувга ташлаб юборилиши керак бўлган кишини аниқлаш учун қуръа ташлашди. Бошқалар қатори Юнус алайҳиссаломга ҳам қуръа ташланди ва бунда у мағлуб бўлди. Қуръа Юнус алайҳиссаломга чиқди. Маслаҳатлашувга биноан, у кишини сувга ташлашди.
142. Сўнг маломатланган ҳолида уни наҳанг балиқ ютди.
Кемадан сувга ташланган Юнус алайҳиссаломни катта наҳанг балиқ ютиб юборди. Шунинг учун у кишига Зуннун (балиқ соҳиби) деган ном берилган. Оятдаги “ал-ҳут” сўзи улкан балиқ ёки китни англатади. Бобил сувларида ҳам улкан балиқлар яшарди. Юнус алайҳиссаломни ютиб юборган балиқнинг қорни муфассирлар наздида гуноҳидан тозаришни истаган кишининг тушкунлиги, чорасизлигини англатади. Барча инсонлар каби Юнус алайҳиссалом ҳам хато қилган эди. У киши бу ишлари билан Парвардигорнинг маломатига учради.
143. Агар у кўп тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида;
Сўнгра Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини синовга учратди. Ўшанда у қоронғи тун зулматида, балиқ қорнидаги зулмат ичра туриб, Парвардигорига чин дилдан илтижо қилди, кўп тасбеҳ айтди. Юнус алайҳиссаломнинг балиқ қорнида туриб қилган дуоси ҳозиргача мўминлар учун нажот топиш мақсадида Аллоҳга ёлборишда қўлланма бўлиб келяпти. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ким ғамга мубтало бўлса, Юнус (Зуннун) алайҳиссаломнинг «Лаа илааҳа илла анта, субҳанака, инни кунту миназ-золимийн» дуосини ўқиса, кушойиш бўлишини айтганлар.
144. унинг қорнида қайта тирилтириладиган кунгача қолиб кетар эди.
Агар Юнус алайҳиссалом қилмишига иқрор бўлиб, Аллоҳни кўп зикр қилмаганида, Унга кўп тасбеҳ айтмаганида инсонлар қайта тирилтириладиган қиёматгача балиқ қорнида қолиб кетган бўларди. У ўз жонига зулм қилганини тан олгани учун Аллоҳ азза ва жалла уни балиқ қорнидан эсон-омон қутқариб олди. Юнус алайҳиссалом балиқ қорнига тушиши билан тинмай «Лаа илааҳа илла анта, субҳанака, инни кунту миназ-золимийн» - «Сендан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ. Сен поксан. Албатта, мен золимлардан бўлдим», деб турдилар. Уламолар бошига оғир кулфат тушган одамларга ушбу тасбеҳни кўпроқ айтишни тавсия этишган. Аллоҳтаоло Юнус алайҳиссаломнинг балиқ ичида туриб қилган илтижоларини қабул айлади.
145. Сўнгра Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик.
Балиқ қорнига тушиб қолган одамнинг ҳолатини тасаввур қилинг: ҳаво етишмайди, таом ва ичимликдан маҳрум, кўнгли айнийди. Аллоҳнинг иродаси билан ана шундай хаста ҳолатда ётган Юнус алай-ҳиссаломни балиқ ўз ичидан чиқариб, ташқарига, соҳилдаги қумлоққа отди. У киши бемажол, бемор ҳолида соҳилга бориб тушди.
146. Унинг устида қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.
Балиқ қорнида туравериб бадани оқ ем бўлиб кетган, хаста ҳолида қирғоққа отилган Юнус алайҳиссалом шу аҳволида қуёш тиғи остида қолиб кетса, хасталиги янада зиёдалашган бўларди. Аллоҳ таоло Ўзининг луту инояти билан очиқ майдонда беҳуш ётган Юнус алайҳис-саломнинг устига япроқлари катта бўлгани учун соя қилиб турадиган ўсимликни ўстириб қўйди. Араб тилидаги “йақтийн” сўзи дарахт каби танаси бўлмаган, аммо қовоқ, тарвуз каби новдалари илдиз отиб ўсадиган ўсимликка нисбатан ишлатилади. Барглари катта ва серсоя қовоқ бўлгани аниқроқ, чунки қовоқ ўсган жойга пашша-чивин ҳам келмас экан. Бу ҳам Аллоҳнинг тадбири ва лутфидир. Юнус алайҳиссалом дам олиб, ўзига келди, касаллиги ҳам тузала бошлади.
147. Биз уни юз минг ёки ундан кўпроққа пайғамбар қилиб юбордик.
Юнус алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган Найнаво шаҳри ўша пайтдаги йирик шаҳарлардан бўлгани ушбу оят орқали баён қилинмоқда. Оятдаги “юз минг” сўзи аниқ бир рақамни англатмайди, балки инсонлар тасаввурида Аллоҳнинг пайғамбари даъват учун юборилган қавмнинг катталигини билдиради. Юнус алайҳис-саломнинг қавми у киши аччиқ қилиб, кетиб қолганидан сўнг қаттиқ афсусланиб, тавба қилган, пайғамбарнинг қайтишини кутиб турган эди. Улар Юнус алайҳиссаломнинг қайтиб келганидан жуда хурсанд бўлиб, Аллоҳга имон келтиришди ва пайғамбарга итоатда бўлишди.
148. Ўшанда имон келтиришди, Биз уларни бир муддат баҳралантирдик.
Юнус алайҳиссалом қиссасининг тўлиқ баёни Анбиё сурасида келган. Юнус алайҳиссаломнинг қавми Аллоҳнинг азоби аломатларини кўрганидан кейин омонда қолган ягона қавмдир. Чунки улар гуноҳларига чин ихлос билан қаттиқ тавба қилишди. Гўдак болаларни, ҳайвонларнинг болаларини ҳам оналаридан ажратиб қўйиб, астойдил тазарру билан тавба қилишганидан кейин Аллоҳ таоло уларга келган азобни кетказди. Бошига бало келганидан кейин гуноҳларига астойдил тавба қилиш, Аллоҳга имон келтириб, пайғамбарларига итоат қилиш ҳалокатдан қутқарувчи нажот кемаси бўлиши ушбу сура орқали инсонларга баён қилинмоқда.
Шу билан кофир ва мушриклар учун ибрат бўлмиш ўтган умматлар ва уларнинг пайғамбарлари ҳақидаги қиссалар ниҳоясига етади. Қуйида келадиган оятларда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мушриклар билан ана шу қиссаларни ибрат қилган ҳолда ўзларини ўнглашга чорловчи суҳбат ўтказиш топширилади. Бунда мушриклар ичида кенг тарқалган, улар қаттиқ суянган бир неча масалалар муноқаша қилинади.
149. (Эй Муҳаммад), улардан сўранг-чи, қизлар Парвардигорингизга-ю, ўғиллар уларга эканми?!
Яъни, эй Пайғамбарим, мушриклардан инкор тариқасида сўраб кўрингчи,улар Парвардигорга қиз фарзандларни нисбатбериб,ўзларига ўғил фарзандларни исташяптими? Ушбу оятда араб мушрикларининг «Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир» деган эътиқодлари ботил экани, улар фаришталарни қиз санаб, Аллоҳга нисбат беришлари тамоман жоҳиллик экани баён қилинмоқда.
Ҳақиқатан, араб мушриклар орасида шу эътиқод кенг тарқалган эди. Иккинчи томондан, улар қизларни ёқтиришмас, баъзилари қиз фарзанд кўришса бундан орлари келиб, уни тириклайин кўмиб юбориш пайидан бўларди. Мушриклар қиз кўришса, қаттиқ хафа бўлишар,уларга мерос ҳам беришмас эди.Умуман қиз бола, аёл зоти улар эътиқодига кўра одам саналмас, ёмонлик, омадсизлик рамзи ҳисобланар эди. Бу ҳам бир ёқда қолиб, мушрикларнинг энг катта гумроҳлиги шунда эдики, улар фаришталарни Аллоҳнинг қизлари деб, уларга жинс сифатини ҳамда Парвардигорларига туғиш-туғдириш сифатини беришарди. Ҳолбуки фаришталарда аёллик ёки эркаклик сифати бўлмаган. Аллоҳ эса туғмаган, туғилмаган, туғдирмаган Зотдир. Мушрикларнинг юқоридаги эътиқодлари энг катта зулм, адашиш, ширк ҳисобланади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, мушриклардан шундай сўрашни буюрмоқда: “Қизлар Парвардигорингизга-ю, ўғиллар уларга эканми?” Ҳақиқатан, бу адашган кимсалар ўғилларни ўзларига олиб, ўзлари ёқтирмаган қизларни Парвардигорларига беришмоқчими? Ёки улар фаришталарнинг қиз бўлишини қаердан билишибди? Улар Аллоҳга нисбатан бу беодобликлари ва ширклари билан дўзах азобига гирифтор бўлишларини билишмасмикин?
150. Ёки фаришталарни қиз қилиб яратганмиз-у, улар гувоҳ бўлишганми?
Яъни, фаришталарни қиз деб даъво қилаётган ўша мушриклар уларни яратганимизда гувоҳ бўлиб туришганмиди? Қандай далил билан улар фаришталарни қиз дейишмокда?! Ҳолбуки, уларнинг жинси қандайлиги ҳақида мушрикларнинг ҳеч қандай далил-исботлари ҳам йўқ! Фаришталарни яратган соатимизда улар бунга гувоҳ ҳам бўлишмаган. Бу сафсаталарнинг бари улар тўқиб олган ёлғонлардир ва уларнинг ўзлари ҳам ғирт ёлғончилардир.
151. Огоҳ бўлингки, улар ўз уйдирмаларида шундай дейишади:
Инсоннинг Аллоҳга оид бўлган хусусларда Унга шерик қўшиши, яъни Унинг фарзанди ёки шериги бор дейиш ширкдир ва ширк гуноҳларнинг энг каттасидир. Ширк бор жойда солиҳ амал бўлмайди, чунки амал солиҳ бўлиши ва қабул қилиниши учун у ёлғиз Аллоҳ йўлида бажарилиши керак. Эй Пайғамбарим, огоҳ бўлингки, улар Менга турли ботил сифатларни нисбат бериб, ўзларига катта зулм қилишяпти. Ким Аллоҳга шерик қўшса, Аллоҳ уларга жаннатни ҳаром қилиб, дўзахдан жой беради. Қиёмат куни золимларга ёрдам берадиган ҳеч бир зот йўқдир. Улар ўз уйдирмаларида нима дейишса ҳам барибир дўзах азобини тотишлари аниқ!
152. «Аллоҳ туғди». Улар албатта ёлғончилардир.
Баъзи жамиятларда ёйилган ширк турларидан бири “Аллоҳ таолонинг ўғил-қизлари бор” деб, уларга ибодат қилишдир. Араб мушриклари фаришталарни Аллоҳнинг қизлари деб эътиқод қилишса, насронийларнинг айрим тоифаларида Исо алайҳиссаломни Ҳақ илоҳдан туғилган бир илоҳдир, деган бузуқ ва ярамас тушунча бор. Мушриклар ўзларича ёлғон тўқиб, «Аллоҳнинг боласи бор» дейишади, ҳолбуки У туғиш, туғдириш, туғилиш сифатидан, мушриклар ўйлаётганидай фарзандли бўлиш сифатидан покдир. Аллоҳнинг болси борлиги даъвосини қилаётганлар эса ғирт ёлғончилардир.
153. У ўғилларни қўйиб, қизларни танлабдими?
Мушриклар ўйлаётганидай, Аллоҳ ўғилларни инсонларга бериб, Ўзига қизларни танлабдими? Ёки У қиз-ўғиллардан бирини бошқасидан афзал санайдими? Бундай сафсаталарнинг бари ширкдан бошқа нарса эмас. Хамма нарсага қодир Зот бўлмиш Аллоҳ таоло барча махлуқот ва нарсаларнинг ягона яратувчиси бўлгани учун бундай шериклардан покдир, У энг олий, тенгсиз, шериксиз Ҳокими мутлақдир.
154. Сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм қилмоқдасиз?
Эй Макка мушриклари, сизларга нима бўлдики, бундай қарорга келдинглар? Қўлингизда ҳеч қандай далил-ҳужжат бўлмагани ҳолда ҳукмни нимага асосланиб чиқаряпсизлар? Сизларнинг ақлингиз қандай дардга чалинганки, борлиқдаги барча нарсанинг ягона яратувчиси бўлган Аллоҳга Унинг Ўзи яратган турли махлуқларни шерик қилмоқчи бўляпсизлар? Ёки ўзларингизга нозил қилинган илоҳий китобларда Унинг шериги борлиги ҳақида ёзиб қўйилганмиди, уларга асосланиб ҳукм чиқаряпсизлар?
155. Ахир ўйлаб кўрмайсизларми?!
Инсонга ато қилинган энг буюк неъмат бўлмиш ақл ҳам Аллоҳнинг ягоналигига, Унинг ҳеч қандай шериги ёки тенги бўлмаслигига далолат қилади. Бу ҳақда озгина фикр юритган одам бу муаззам коинот ичидаги катта-кичик, жонли-жонсиз, ақлли-ақлсиз, қадрли-қадрсиз барча мавжудотлар ёлғиз бир илоҳий низом асосида бошқарилишини тезда англаб олади. Унинг ягоналигига фитрий ва ақлий далиллардан ташқари нақлий далиллар ҳам бор.
156. Ёки сизларда очиқ-ойдин ҳужжат борми?!
“Аллоҳ таолонинг қизлари бор” деган сафсаталарни мушриклар қайси манбадан олишдийкин? Ёки уларда бунинг васфи келган очиқ-ойдин ҳужжатлар ёки самовий китоблар бормикин? Ўша ҳужжатда «Фаришталар Аллоҳнинг қизи» дейилган эканми? Мушрикларда бундай ҳужжатларнинг бўлиши у ёкда турсин, улар бу саволларнинг бирортасига жавоб ҳам бера олишмайди.
157. Агар ростгўй бўлсангиз, китобингизни келтиринг!
Яъни, «Агар «фаришталар Аллоҳнинг қизлари» деган ўша сўзингиз рост бўлса ва бунга ҳужжатингиз бўлса, ўша ҳужжат ёзилган китобингизни олиб келинг!». Улар бундай ҳужжатни келтира олишмайди ҳам, унинг мавжудлиги ақлга сиғмайди ҳам. Чунки Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида зикр қилинганидек, улар Парвардигорларига нисбат бераётган фарзандларнинг ўғил-қизлигини қўяверишсину, умуман Аллоҳ таолонинг умуман фарзанд кўриш, туғилиш-туғдириш сифатларидан пок экани ҳақидаги ҳақиқатни яхшилаб билиб олишсин.
158. У билан жинлар орасида насаб қилишди. Ҳолбуки, жинлар ўзларининг (азобга) ҳозир қилинишларини билишади.
Кўпгина муфассирлар оятдаги жинлардан мурод, фаришталардир, дейишган. Ўша пайтдаги мажусий ва мушриклар орасида «Аллоҳ билан жинлар орасида насаб алоқаси бор» деган гумон кучли эди. Уларнинг фикрича, Аллоҳ жинларга уйланганидан кейин фаришталар туғилган эмиш. Ушбу оятда ўша даъвонинг мутлақо ботил экани, буни ҳеч қандай соғлом ақл тақозо қилмаслиги айтилмоқда. Қандай қилиб Аллоҳ билан жинлар ўртасида насаб бўлсин? Ҳолбуки, жинларнинг ўзларини ҳам Аллоҳ яратганини, ўзлари ҳам Аллоҳнинг бошқа махлуқотлари каби қиёмат куни азобга ҳозир қилинишларини билишган. Улар ҳам инсонлар каби қилмишлари борасида Парвардигорлари ҳузурида ҳисоб беришади. Агар Аллоҳ билан насаб алоқалари бўлганида шундай ҳолга тушишармиди? Бу ёлғон гаплар мушрикларнинг ўзларича Аллоҳга бераётган васфлари, холос. Қуръони карим шундай хабар беради: “Улар жинларни Аллоҳга шерик қилишади, ҳолбуки уларни ҳам У яратган. Жоҳиллик туфайли Унга ўғил-киз «ўйлаб топишади». У булардан пок. ва Олийдир” (Анъом, 100).
159. Аллоҳулар васф қилган нарсадан покдир.
Аллоҳ таоло мушриклар даъво қилаётган васфлардан мутлақо поқцир, Унинг жинлар ёки фаришталар билан насаб алоқаси йўқдир. Аллоҳ таолога, Унинг зотига, сифатларига, шериги йўқлигига, туғмаганига ва туғилмаганига эътиқод ва илм билан ишонмай туриб, Унинг тавҳидини англаб бўлмайди. Ният ва амалда тоат-ибодатни ёлғиз Аллоҳ таоло учун қилиб, Унга бўйинсуниб, Ундан қўрқиб, ҳар бир бўладиган нарсани Ундан кутмагунча бу тавҳиднинг асл моҳиятига етиш қийин.
160. Лекин Аллоҳнинг ихлосли бандалари мустасно.
Аллоҳнинг ягоналигига имон келтириб, У Зотга бундай ботил сифатларни нисбат бермайдиган муваҳҳид зотлар мушрикларнинг бу даъволарини инкор қилишади, Парвардигорларини бундай сифатлардан пок тутишади. Оятдаги бу истисно ҳақида муфассирлар икки хил фикр билдиришган: баъзилари «Аллоҳнинг танланган бандалари Унга номуносиб сифатларни беришмайди» деган фикрни айтишган. Бошқалари эса «Лекин Аллоҳнинг жинлардан иборат танланган бандалари азобга ҳозир қилинувчилардан бўлишмайди» маъносини ҳам беришган. Ҳар икки маъно ҳам бир-бирини тўлдириб келади.
161. Албатта, сизлар ҳам, сиғинаётганларингиз ҳам;
Аллоҳ таоло хитоб қиляптики, эй Макка мушриклари, ўзларингиз ҳам, сизлар илоҳ санаб сиғинаётган бутларингиз ҳам қаттиқ адашгансизлар, барчаларингиз ҳақ йўлдан четдасизлар. Агар Аллоҳга имонингиз бўлганида У Зотни қўйиб, қандайдир ожиз, фойда ёки зарар беролмайдиган бут-санамларга сиғиниб юрмаган бўлардингиз.
162. Унга қарши фитнага сололмайсизлар.
Сизлар ҳар қанча урингсанглар ҳам Аллоҳга чин дилдан имон келтирган ихлосли бандаларимни Парвардигорларига қарши фитнага сола олмайсизлар. Сизлар барча ҳийла ва алдовларингиз билан ҳам Аллоҳга қаттиқ ишонган, У Зотга юкунган ва итоатда бўлган мўминларнинг қалбига заррача таъсир ўтказолмайсизлар. Ботил нарса имон, ҳақ ва софдиллик қаршисида ожиздир. У ҳақ йўлдан адашиб, аниқ ҳалокат сари кетаётган кимсаларгагина ҳукмини ўтказа олади. Агар улар ботилга қарши имонлари, сабрлари ва қатъиятларини қарши қўя олишганида бунчалик кулфатга тушмаган бўлишарди, Аллоҳуларни аниқ ҳалокатдан қутқарган бўларди.
163. Ким дўзахда куювчи бўлса, мустасно.
Эй мушриклар, сизларнинг ва бутларингизнинг Аллоҳнинг мўмин бандаларини Унга қарши фитнага солиш учун қиладиган барча ҳаракатларингиз албатта чиппакка чиқади. Фақат Аллоҳнинг тақдирида дўзахга тушиб куйиши ёзиб қўйилган кимсаларнигина йўлдан оздира оласизлар. Дўзахда азоб чекишга лойиқ топилган нодон кимсаларгина сизларга эргашишлари мумкин.
164. «Ҳар биримизнинг маълум мақомимиз бор;
Ушбу ва шундан кейин келадиган оятларда мазкур суранинг аввалида сифатлари келган фаришталарнинг мушриклар томонидан тўқилган ёлғон сафсаталарига раддиялари баён этилади. Фаришталар айтишяптики, “Ҳар биримизнинг Парвардигоримиз ҳузурида маълум мартабамиз, жойимиз ва вазифамиз бордир. Бизларнинг баъзиларимиз Аллоҳ белгилаган ризқни махлуқотга етказишга, айримларимиз ажали етган инсонларнинг жонини қабз қилишга, баъзиларимиз ваҳийни етказишга, шунингдек, ибодат ва бошқа амалларга вакил қилинганмиз”.
165. дарҳақиқат, бизлар саф тортиб турувчилармиз;
Фаришталар ҳам Аллоҳ таоло яратган бошқа махлуқотлар каби Унинг бандаларидир. Улар Парвардигорларига сўзсиз бўйсунишади, Унгагина сиғинишади, Унга ибодат қилиб, мақтовлар йўллашади. Фаришталарнинг бари саф тортган ҳолида Аллоҳнинг амр-фармонларига ҳамиша шай туришади. Уларнинг ҳар бири Аллоҳ буюриб қўйган вазифалар доирасида доимо Унинг фармонларини бажаришга мукаллафдир.
166. ва албатта бизлар тасбеҳ айтувчилармиз».
Фаришталар ҳам бошқа бандалар каби ўзларини яратган Аллоҳ таолога ҳамиша итоатда бўлишади, У Зотни доимо поклаб ёд этишади, Унга зикрлар, ҳамду санолар йўллашади. Улар мушриклар гумон ва даъво қилаётганидек, «Аллоҳнинг қизлари» ҳам эмаслар. Аксинча, улар ҳам Парвардигорларининг амрига ҳозиру нозир итоаткор ва бегуноҳ бандаларидир. Улар саф тортган ҳолларида Унинг буйруқларини бажаришга шай туришади. Шунингдек, улар Парвардигорларини куфр, ширк каби иллатлардан поклаб, Унга тасбеҳлар айтишади.
167. Дарвоқе, шундай дейишарди:
Аллоҳ таолога ҳам, Унинг фаришталарига ҳам ишонмайдиган Макка мушриклари атрофларидаги илоҳий мўъжизаларни кўра-била туриб ҳам Парвардигорларининг ваҳийларини шубҳа остига олишарди, охиратда Аллоҳнинг ҳисобга тортишини тан олишмасди. Улар Ҳаққа имон келтириш ўрнига турли баҳонаю сабабларни ўйлаб топишарди.
168. «Агар бизларда ҳам аввалгилардан бир эслатма бўлганида;
Ислом келмасидан олдинги мушриклар Аҳли китобларни маломат қилишар, қўлларида самовий китоб бўлатуриб ҳам яхши инсон бўлмаганларини танқид қилишарди. Ўз камчиликларини эса қўлларида илоҳий китоб йўқлиги билан ёпмоқчи бўлишарди. “Агар бизларда ҳам олдинги ўтиб кетган ота-боболаримиздан эслатма бўлиб қолган бирор китоб бўлсайди, бизлар ҳам ихлосли бандалардан бўлармидик!” деган даъвони ҳам қилишарди. Аммо улар сўзида турмайдиган субутсиз, ёлғончи кимсалар бўлгани учун Аллоҳ таоло улар орзу қилган эслатмани - Қуръони каримни нозил қилганида ҳам унга имон келтиришни ўйлашмади.
169. албатта Аллоҳнинг ихлосли бандаларидан бўлар эдик».
Бундай кимсалар ўзларининг эски анъаналарига суяниб, янгиликни тан олмай ўтиб кетишди. Аллоҳ таоло инсониятга ҳақ йўлни, ҳидоят йўлини кўрсатиб берувчи, дунёдаги ҳаётларида дастурил-амал бўлувчи Қуръони каримни нозил қилса ҳам, охирги Пайғамбарини рисолат билан юборса ҳам мушрик ва кофир кимсалар имонга келиш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмади. Агар ўзларига ҳам илоҳий китоб нозил қилинганида ихлосли бандалардан бўлиш ҳақидаги ваъдалари оддий сафсатадан иборат эди.
170. Унга куфр келтиришди. Яқинда билиб олишади.
Бу нодон кимсалар Аллоҳнинг ваҳийларига - Қуръони каримга имон келтириш ўрнига уни ёлғонга чиқаришди, “ўтганларнинг афсоналари” деб туҳмат қилишди. Илоҳий ваҳийни ўзларига етказган охирзамон Пайғамбарини ёлғончига, мажнунга, сеҳргарга чиқаришди. Улар бу қилмишларининг оқибати нима билан тугашини яқинда билиб оладилар.
171. Пайғамбар қилиб юборилган бандаларимиз учун Сўзимиз ўтгандир;
Аллоҳ таоло инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун қанча пайғамбар юборган бўлса, уларга берган Сўзи аввалдан ўтиб бўлган. Яъни, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, бунинг ҳақлиги Аллоҳнинг ҳамма нарсадан устунлигида намоёндир. Инсонлар ўзларига рисолат билан келган пайғамбарларга қанчалар итоатсизлик кўрсатмасинлар, уларни хорлаб-азобламасинлар, Аллоҳ юборган пайғамбарларини ўз ҳолларига ташлаб қўймайди, уларни хорлашга йўл бермайди, рисолатини етказишда уларга мадад бериб туради.
172. албатта айнан уларгина ёрдам олишади;
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини, хоссатан охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни куфр ва ширк аҳлига қарши курашда, умматларини ҳидоят йўлига бошлашда ёлғизлатиб қўймайди. Бутпараст ва мажусийларнинг фитналарини ва осийликларини фош этишда уларга Ўз ёрдамини ҳамиша бериб туради. Агар шундай қилмаганида дунёда ботилнинг ҳукмронлиги кучайган, ҳақ ҳимояга муҳтож бўлиб, имон аҳлининг устига турли фитна-балолар тинмай ёғилган бўларди. Аллоҳнинг мадади туфайли ботил мағлуб, ҳақ ғолиб бўлади, Аллоҳнинг пайғамбарларини йўқотиш ёки рисолатни етказишдан четлатишга бўлган ҳар қандай уринишлар чиппакка чиқаверади.
173. ва албатта Бизнинг қўшинимизгина ғолибдир.
Аллоҳ таоло айтяптики, «Биз пайғамбар қилиб юборган бандаларимизга «Сизлар рисолатни етказишда албатта зафар қозонасизлар ва Бизнинг қўшинимиз албатта ғолиб бўлади» деб сўз берганмиз, ваъда қилганмиз. Аллоҳтаоло ҳамиша Сўзининг устидан чиқади, ваъдасига доимо вафо қилади. Инсоният тарихидан яхши маълумки, Аллоҳ пайғамбар юборган қавмларнинг имонли аъзолари кофир ва мушрикларга қарши курашда ҳамиша ғолиб келишган, ҳеч қачон, ҳеч ерда аксинча бўлган эмас. Шунингдек, Аллоҳ таолога лашкарлик шарафига муяссар бўлганлар доимо шайтон лашкарлари устидан ғалаба қозониб келишган. Ҳақ доимо ғолиб, ботил мағлуб бўлиб келган. Бу Аллоҳнинг қиёматгача давом этадиган мустаҳкам ва ўзгармас қонунидир. Гап Аллоҳнинг қўшинида бўлиш бахтига муяссар бўлган мўминларнинг интилишлари ва саъй-ҳаракатларидадир. Ҳақиқат шу бўлгач, кофир ва мушрикларга ортиқча аҳамият берманглар, уларнинг ҳолидан ташвишга ҳам тушманглар.
174. (Эй Муҳаммад), улардан вақтинча юз ўгиринг;
Оят маъноси бутун инсониятга далолат қилса ҳам бу ўринда биринчи навбатда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом назарда тутилмоқдалар. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериб, қуйидагича хитоб қилмоқда: «Эй Пайғамбарим, мушрикларнинг қўли вақтинча баланд бўлиб турганидан ташвишга тушманг, улардан юз ўгириб туринг. Аллоҳ таоло яқинда сизга ва умматингизга албатта зафар ато этажак! Ҳақ ва адолат учун курашда ҳамиша шундай бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Аллоҳнинг пайғамбарлари бундай қаршиликларга эътибор бермасликлари, Аллоҳдан бўладиган ёрдам ва куч-қувватга қатъий ишонтиришлари ва суянишлари лозим.
175. ва уларни кузатиб туринг! Ўзлари ҳам кўришади.
Эй Пайғамбар, Ҳақнинг ғолиб бўлиб, ботилнинг йўқ қилинишини кўриб, кузатиб туринг. Ўзлари ҳам яқинда бунга гувоҳ бўлишади. Қиёмат келганида уларнинг имонсизликлари учун бериладиган жазо ва уқубатларни кўриб, ўз ёлғонларига ўзлари алданиб юришганига афсус-надоматлар чекишади. Ана ўшанда куфр ва исёнларининг оқибати нима билан тугаганига ўзлари гувоҳ бўлишади.
176. Ҳали улар азобимизни тезлаштиришмоқчими?!
Куфр ва ширкка ботганлар “Аллоҳнинг ваъда қилган азоби нега келмаяпти?” деб Пайғамбаримизни калака қилиб туришаверсин, азобимизни тезроқ кўришга орзуманда бўлишаверсин. Улар азобимизни тезлаштиришга бунчалар шошилишмаса?! Устларига азобимизни юборганимизда аҳволлари нима бўлишини ўйлаб кўришмасмикин? Бундай кимсаларга азобимиз бўлиши аниқ, бунга асло шубҳа бўлиши мумкин эмас. Фақат улар бунга шошмасинлар, ҳали бу қилмишлари учун кўп афсуслар қилишади.
177. Уларнинг масканига тушганида огоҳлантирилганларнинг тонглари ёмон бўлади.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримаси орқали бир мисолни баён қиляпти: гўёки очиқ майдонга чодир тиккан душман устига атрофдаги тоғлардан тунда ҳужум қилиб қолишди. Эртасига тонг пайтида омон қолган оз сонли кишилар тушкун ва умидсиз бир ҳолатда туришарди. Уларнинг аҳволи яна шу билан ачинарли эдики, уларни ҳужум олдидан огоҳлантиришганди, аммо улар бепарволик билан бу огоҳлантиришларга эътибор ҳам беришмаганди. Аллоҳ таоло айтяптики, Бизнинг азобимиз уларнинг бошига тушган пайтда ҳам улар ўша ҳалокатга учраганлар каби жуда ёмон аҳволда қоладилар. Араб тилидаги “Назала бисоҳатиҳим” (“масканига жазо тушиши”) жумласи бир киши ёки бир гуруҳ одамнинг бошига бор кучи билан бало-азоб келишини англатади.
178. Улардан маълум вақтга юз ўгиринг.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига яна маълум вақтгача мушрик ва итоатсиз кимсалардан юз ўгириб, уларга эътибор бермай туришни буюрмоқда. Чунки уларни қанча огоҳлантирманг, ҳақ йўлга бошлашга қанча уринманг, уларнинг қалблари муҳрлангани, қулоқлари том битгани, кўзлари атрофларидан далил-аломатларни кўрмаслиги туфайли ҳақни билишмайди, бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таолога имон келтиришга ошиқишмайди. Уларнинг тонги ҳам юқоридаги оятда зикри келганларники каби ўта хатарли ва аянчлидир.
179. Уларни кўриб туринг, ўзлари ҳам яқинда кўришади.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига мушрик ва осийларнинг қисматини кўриб, кузатиб туришни яна буюрмоқда. Улар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ана шу қайсарликлари ва итоатсизликларининг жазосини тўла-тўкис олишади. Аллоҳ таоло уларнинг қалбига қаттиқроқ қўрқув ва даҳшат тушиши учун икки дунёда ҳам уларга берадиган жазосини тўлиқ зикр қилмай, уларнинг оғир қисматларини ўзлари ҳам, бошқалар ҳам албатта кўришини баён этиш билангина чекланмоқда.
180. Иззат Робби бўлмиш Парвардигорингиз улар қилган васфдан покдир.
Одатда Қуръони каримдан бирор сура ёки оятлар қироат қилинса, ушбу уч оятда келган дуо билан якунланади: Иззат Робби бўлмиш Парвардигор Аллоҳнинг азобига учраган кофир ва мушриклар тақаётган айблардан, улар қилаётган васфлардан покдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким Қуръон ўқиб, Парвардигорига ҳамд айтса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўлласа ва Парвардигорига истиғфор айтса, яхшиликни ўз ўрнида сўрабди” (Байҳақий “Шуъабул имон”да ривоят қилган).
181. Ва пайғамбарларга салом бўлсин!
Дуонинг давомида пайғамбарларга салом йўллаш таъкидланмоқда. Қуръони каримда пайғамбарларга нисбатан ҳам салом сўзи ишлатилган ва бу нарса бир неча сурада зикр қилинган. Масалан, Намл сурасининг 59-оятида шундай марҳамат қилинади: “ (Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳга ҳамд ва Унинг танлаб олган бандаларига салом бўлсин! Аллоҳ яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?».
182. Оламларнинг Парвардигори - Аллоҳга ҳамд бўлсин!
Дуо охирида айтилганидай, бутун оламларнинг ягона Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамд-мақтовларимиз бўлсин, чунки У Зотгина Ўзи яратган махлуқотининг мақтов ва шукронасига муносибдир. Шаъбийдан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни амали тўлиқўлчов билан ўлчаниши хурсанд қилса, мажлиснинг охирида туришдан олдин: «Субҳана Роббика Роббил ъиззати ъамма ясифун. Ва саламун ъалал мурсалийн. Вал-ҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн»ни ўқисин», деганлар (Ибн Абу Ҳотим ривояти).