Маккада нозил бўлган, 83 оятдан иборат
Қуръони каримнинг ўттиз олтинчи сураси шундай аталади, номини ўзининг илк ояти «ё, син» ҳарфларидан олган, Маккада нозил бўлган, 83 оятдан иборат. Сура Қуръони каримга қасам, Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ пайғамбар эканларини тасдиқлаш билан бошланади. Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби Ёсин сурасида ҳам асосий диққат-эътибор эътиқод масаласига қаратилади. Хусусан, қайта тирилиш, пайғамбарлик ҳамда Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти масалалари атрофлича баён қилиб берилган. Унда Пайғамбарни ёлғончи қилган Қурайш кофирларининг топажак оқибати, Аллоҳ таолонинг бир шаҳарга юборган элчилари ва шаҳар аҳли уларни ёлғончи қилгани учун ҳалок бўлгани, Ҳабиб Нажжор исмли солиҳ киши ҳикояси, коинот ва унинг низоми Яратганнинг қудратига далолат экани, қуриб-қақраб ётган ерга ҳаёт кириши, кеча билан кундузнинг алмашинуви, қуёшнинг зиё сочиб, ўз ўрнида айланиши, ойнинг буржларга чиқиб-ботиб туриши ва бошқа жараёнлар ҳақида сўз юритилади. Қиёматда мўминлар ва кофирларга тайёрлаб қўйилган мукофот ва жазо манзаралари ҳам қамраб олинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта ҳар бир нарсанинг қалби бор, Қуръоннинг қалби Ёсиндир. Мен бу сурани умматимдан ҳар бир кишининг қалбида бўлишини истар эдим», деганлар.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Ё сиин.
Олдинги сураларда ҳам кўп бор таъкидланганидек, Қуръони каримдаги бу каби кесик ҳарфларнинг (ҳуруфи муқаттаъот) маъноси ва ҳикматини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч бир зот билмайди. Аксар муфассирлар “Ё сиин” калимасини таржима ва тафсир қилишмаган.
Уларнинг айримлари буни ё Муҳаммад алайҳиссалом, ё инсон ёки саййид сўзларига нисбат беришади.
2. (Эй Муҳаммад), ҳикматли Қуръонга қасамки;
Аллоҳ таоло бандалар эътиборини бирор ўта муҳим масалага қаратишни ирода қилганида ўша нарса номига қасам ичади. Бу ўринда ҳам У ҳикмат ва мўъжизаларга тўла бўлган Ўзининг муборак Каломи - Қуръони каримга қасам, демоқда. Аллоҳ таолонинг бирор нарсага қасам дейиши, буўша нарсани ниҳоятдаулуғлаганидандир. Аллоҳ азза ва жалланинг Қуръони каримга, унинг ҳакимлик сифатига қасам дейиши бежизга эмас. Каломуллоҳ оятлари ҳам, унинг қиссалари ҳам ҳикмат билан тўлиб-тошгандир, унинг ҳатто ҳукмлари ҳам ҳикматлидир. Уни ўқиган, унга амал қилган киши ҳикмат хазиналарини қўлга киритган бўлади. “Ҳикмат” сўзи луғатда «донишмандликлик, заковатлилик, ҳакимлик маҳсули» маъноларини билдиради. Истилоҳда эса тажриба билан эришиладиган тўғри билим; Ҳаққа мувофиқ, одоб-ахлоққа доир фойдали мухтасар сўз; донишмандлик, махфий сир, ақлу ҳақиқатга тўғри келадиган нозик маъноли қисқа сўз; ашёнинг зоҳирий ва ботиний кайфиятидан баҳс этувчи илм; Аллоҳга итоат; ақл, сўз ва ҳаракатдаги уйғунликларнинг ҳаммаси «ҳикмат» дейилади. Аллоҳ таолонинг «Кимга ҳикмат берилган бўлса, ҳаҳиҳатан унга кўп яхшилик берилибди» (Бақара, 269) деган сўзи бор. Ҳадис шарифда эса: «Ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсасидир, уни қаерда топса, дарҳол олади», дейилган (Термизий ва Ибн Можа ривояти). Амалсиз оми одам ҳикмат соҳиби бўлмайди.
3. сиз албатта пайғамбарлардансиз;
Аллоҳ таоло Қуръонга қасам билан шуни таъкидлаяптики, охир-замон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга юборилган пайғамбарларнинг биридирлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг ва мендан олдинги пайғамбарларнинг мисоли худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрни қолдириб қўйилганига ўхшайди. Одамлар уни айланиб кўриб, қойил қолишади ва: «Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» дейишади. Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман» (якунловчисиман), дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Қиёмат куни одам боласининг улуғидирман. Устидан қабри биринчи ёриладиган киши менман. Илк шафоатчи менман. Аввалги шафоат қилинувчи менман», дедилар (Муслим ривояти).
4. тўғри йўл узрасиз.
Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбарим, сиз тўғри йўл узрасиз, сизнинг йўлингиз Парвардигорингиз рози бўлган энг тўғри йўлдир, бундан бошқа тўғри йўл ҳам йўқдир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган узун ҳадисда, жумладан шундай дейилади: «Абу Суфён ибн Ҳарб бевосита менга айтди: «Мен билан Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг ўрталаридаги сулҳ пайтида жўнаб кетдим. Шомда эканимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳирақлга мактуб олиб келинди. Уни Диҳятул Калбий олиб келди. Уни Бусронинг бошлиғига берди. Бусронинг бошлиғи уни Ҳирақлга берди. Ҳирақл: «Бу ерда ўша набийман деяётган одамнинг қавмидан бирор киши борми?» деди. «Ҳа», дейишди. Мен бир тўп қурайшликлар билан бирга чақирилдим. Ҳирақлнинг олдига кирдик. У бизни қаршисига ўтқазди ва: «Қай бирингиз ўша набийман деяётган одамга насаб жиҳатидан яқинсиз?» деди. «Мен», дедим. Шунда мени унинг олдига ўтказишди, шерикларимни орқамга ўтказишди. Кейин таржимонини чақирди ва: «Уларга айт, мен манавидан анави ўзини набий деяётган одам ҳақида сўрайман. Агар менга ёлғон гапирса, ёлғон гапирганини айтинглар», деди. («Аллоҳга қасамки, агар мени ёлғончи дейишларидан қўрқмаганимда албатта ёлғон гапирган бўлардим», деди Абу Суфён). Кейин таржимон орқали суҳбат бошланди: Ҳирақл: “Ичингизда унинг насаби қандай?” Абу Суфён: “У ичимизда соҳибнасабдир”. Ҳирақл: “Унинг ота-боболаридан подшоҳ чиққанми?” Абу Суфён: “Йўқ”. Ҳирақл: “Ушбу гапни айтишидан олдин уни ёлғончилиқца айблар эдингизми?” Абу Суфён: “Йўқ”. Ҳирақл: “Унга одамларнинг обрўлилари эргашяптими ёки ночорларими?” Абу Суфён: “Ночорлари”. Ҳирақл: “Улар кўпаймоқдами ё озаймоқдами?” Абу Суфён: “Кўпаймоқда”. Ҳирақл: “Бирортаси унинг динига кирганидан кейин норози бўлиб, диндан чиқяптими?” Абу Суфён: “Йўқ”. Ҳирақл: “Унга қарши жанг қилдингларми?” Абу Суфён: “Ҳа”. Ҳирақл: “Унга қарши жангингиз қандай бўлди?” Абу Суфён: ‘Тоҳ ундай, гоҳ бундай. Баъзан у бизни енгади, баъзан биз уни енгамиз”. Ҳирақл: “У хиёнат қиладими?” Абу Суфён: “Йўқ. Биз ҳозир у билан сулҳ муддатидамиз, нима қилишини билмаймиз” (Абу Суфён ушбу гапларни одамларга айтаётиб, «Ҳирақл менга ушбу калимадан бошқа гап қўшишга имкон бермади», деган). Ҳирақл: “Бу гапни ундан бошқа бирортаси айтганми?” Абу Суфён: “Йўқ”.
У таржимони орқали бундай деди: «Мен сендан унинг насаби ҳақида сўраган эдим, у ичингизда соҳибнасаблигини айтдинг. Набийлар доимо ўз қавмининг соҳибнасаби бўлиб юбориладилар. «Унинг ота-боболаридан подшоҳ бўлганми», деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Агар ота-боболаридан подшоҳ ўтгани бўлганида ота-боболарининг мулкини талаб қилмоқда, дер эдим. «Унга одамларнинг обрўлилари эргашдими ёки ночорларими?» деб сўрадим. «Ночорлари», дединг. Ана шундайлар набийларнинг эргашувчиларидир». «Ушбу гапни айтишидан олдин уни ёлғончиликда айблар эдингизми?» деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Демак, билдимки, албатта, у одамларга ёлғон гапирмай юриб, Аллоҳга ёлғон гапириши мумкин эмас. «Бирортаси унинг динига кирганидан кейин норози бўлиб, диндан чиқяптими?» деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Имон қалбларга йўғрилганда шундай бўлади. «Улар кўпаймоқдами ё озаймоқдами?» деб сўрадим. «Улар кўпаймоқда», дединг. Имоннинг иши шундай камолга етади. «Унга қарши жангингиз қандай бўлди?» деб сўрадим. «Гоҳ ундай, гоҳ бундай. Баъзан у бизни енгади, баъзан биз уни енгамиз», дединг. Расуллар шундай синаладилар. Сўнгра оқибатуларники бўлади. «У хиёнат қиладими?» деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Ана шундай, расуллар хиёнат қилмайдилар. «Биров ундан олдин бу гапни айтганмиди?» деб сўрадим. «Йўқ», дединг. Агар биров ундан олдин бу гапни айтган бўлганида, ўзидан олдин айтилган гапни айтмоқда, дер эдим», деди. Сўнгра (Ҳирақл): «У сизларни нимага буюради?» деб сўради. «Бизни намозга, закотга, силаи раҳмга ва иффатга буюради», дедим. «Агар сен айтган гап ҳақ бўлса, албатта, у набийдир. Мен унинг чиқишини билардим. Унинг сизлардан эканини ўйламаган эдим. Агар унга етиша олганимда, у билан учрашишга уринар эдим. Агар унинг ҳузурида бўлганимда, оёқлари-ни ювар эдим. Унинг салтанати оёқларим остига ҳам етиб келади», деди” (Бухорий ва Муслим ривояти).
5. Бу Кудратли, Раҳмлининг нозил қилганидир;
Ушбу Қуръони карим Парвардигорингиз Аллоҳнинг муборак Каломидир, Азиз (кудратли, ҳамма нарсанинг устидан ғолиб) ва Раҳмли (бандаларига ўта меҳрибон бўлган Зот) - Аллоҳтаолонинг охирги Пайғамбарига нозил қилган Китобидир. Қуръони карим Пайғамбарнинг сўзлари эмас, балки Парвардигор томонидан нозил қилинган муқаддас бир китобдирки, у орқали аввал араблар, сўнгра бутун жаҳон ахди Аллоҳнинг мукофоти ва азобидан огоҳ қилинади. Аллоҳтаоло айтади: “Бу Биз нозил крлган муборак Китобдир, энди сизларга раҳм қилиниши учун унга эргашинглар ва тақво қилинглар” (Анъом, 155).
6. ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари ҳам ғафлатда бўлган қавмларни огоҳлантиришингиз учун.
Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, арабларга Исмоил алай-ҳиссаломдан сўнг анча вақтгача бирор пайғамбар келмаган, шунинг учун улар илоҳий огоҳлантиришдан ғафлатда, жаҳолатда эдилар. Улар кўп аср мобайнидаги ана шу ғофилликлари сабабидан илоҳий жазога мубтало бўлишди, имон саодатидан маҳрум ҳолда ҳаёт кечиришди. Уларга ҳеч бир пайғамбарнинг даъвати етиб келмади. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини муҳрлаб, кулоқларини ирфон-маърифат сўзларини эшитмайдиган, кўзларини Парвардигорнинг мўъжизаларини кўрмайдиган қилиб қўйди. Уларнинг бўйинларига куфр ва ширк бўйинтуруғи илиб қўйилгани учун ҳидоят йўлига юришга, ҳақ сари эгилишга имкон бермас эди. Шу сабабдан улар имон саодатидан бебаҳра ҳолда, куфр ва ширк сўқмоқларида адашиб юришарди. Аллоҳ таоло шунда бу ғофил қавмни жаҳолат уйкусидан уйғотиш, қалбларини имон нури билан нурафшон қилиш учун охирги Пайғамбарини улар ичидан танлаб олди. У зотга ота-боболари ҳам, ўзлари ҳам ғафлатда юрган арабларни охиратда солиҳ амалларга, савобларга мукофот берилиши ва гуноҳлар сабабли жазоланишидан огоҳлантириш учун охирги Китоби - Қуръони каримни нозил қилди. Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам ота-боболари ғофил ўтган ана шундай бир қавмга юборилган эдилар.
7. Дарҳақиқат, уларнинг кўпларига Сўз ҳақ бўлди, аммо улар имон келтиришмайди.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хабар беряптики, уларнинг кўпларига Сўз, яъни азоб беришимиз ҳақ бўлди, уларнинг дунё ҳаётида куфр йўлини танлашларини Биз олдиндан билар эдик. Сиз уларни азобимиз ҳақида огоҳлантириш борасидаги амримизни адо этаверинг, уларнинг имонга келиш-келмасликлари сизни тушкунликка солмасин, ғамга ботирмасин. Улардан қай бирларининг ҳидоят йўлини танлашлари, бошқаларининг залолатда қолишлари Парвардигорингизга яхши маълум. Аллоҳ таоло Ўзининг азалий илми билан ўша ғофил қавмдан кўплари имонга келмасликларини билади.
8. Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача қилиб кишанлар солдик, шунда улар ғўдайганча қолишди.
Мушрик араблар Аллоҳ таолонинг амрларини қулоққа олишмади, имон сари юзланишмади. Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашиш ўрнига у зотни ёлғончига чиқаришди, мазах қилишди, ҳар томонлама итоатсизлик кўрсатишди. Оқибатда улар ҳамма тарафларидан гуноҳ деворлари билан ўраб олинди, кўзларига залолат пардалари урилди, натижада ҳақни кўришдан, ўзларига шафоатчи бўлган меҳрибон Пайғамбарни танишдан маҳрум бўлиб қолишди. Уларнинг бу ҳолати оятда таъсирли мисол билан баён қилинмоқда. Кишан одатда қўлга солинади. Аммо ҳидоятдан бебаҳра кимсаларнинг кишанлари қўлларидан бошланиб, ияклари остидан ўтганча бўйинларига чирмалган. Бу хилда урилган кишан осийнинг бўйнини ҳам, қўлини ҳам эгилмайдиган қилиб кўтариб турибди. Кўзлари юмуқ ҳолда осмонга боққанча ғўдайиб қолишган. Ҳақиқатан бундай ҳолатдаги одамнинг эгилиб, бошини у ён-бу ёнга буриши, бирор нарсани кўра олиши қийин. Ғофилликлари сабабли азоб сўзи ҳақ бўлган кофирларнинг ҳоли ҳам худди шундай бўлади, улар имонга келиш ҳақида ўйлашга ҳам уринишмайди.
9. Яна уларнинг олдиларидан ҳам тўсиқ, ортларидан ҳам тўсиқ қилиб, уларни ўраб қўйдик, энди “кўра” олишмайди.
Сийрат китобларида зикр қилинишича, Қурайш мушриклари Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдирмоқчи бўлиб, у зот тушган уйга бостириб келишганида Жаброил алайҳиссаломнинг огоҳлантириши билан у зот ташқарига чиқдилар ва қўлларига бир ҳовуч тупроқ олиб: “Мен шундай дейман, Сен уларни кўриб турибсан, Аллоҳим”, дедилар. Бостириб келганларни Аллоҳ кўришдан тўсиб қўйгани учун Пайғамбарни кўра олишмади. У зот Ёсин сурасидан шу оятларни (1-9-оятларни) ўқиб, қўлларидаги тупроқни уларнинг бошлари узра соча бошладилар.
10. (Эй Муҳаммад), уларни огоҳлантирдингизми ёки огоҳлантирмадингизми - уларга барибир, имонга келишмайди.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, мушриклар сизнинг огоҳлантиришларингизни эшитишмайди ҳам, улардан таъсирланиб сизга эргашишмайди ҳам. Сиз ҳар қанча жон куйдириб, уларни тўғри йўлга бошламоқчи бўлсангиз-да, улар асло имонга келишмайди. Уларнинг кўзлари “кўр” бўлгани каби қалбларини ҳам куфр пардаси қоплаган, унга ҳидоят нурлари кириб бормайди. Аллоҳ таоло Ўзининг азалий илми билан уларнинг феъл-атворини, уларнинг қалбига имон таъсир қилмаслигини билганидан ҳукмини чиқариб бўлган: улар барибир имонга келишмайди. Шунинг учун уларга Пайғамбарнинг огоҳлантириши, қўрқитиши таъсир қилмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш ҳар бир мусулмонга шарафдир, бурчдир, улуғ имкониятдир. У зотнинг огоҳлантиришларидан, насиҳатларидан ибрат олиб, буларни ҳаётга татбиқ этиш умматнинг энг шарафли вазифаларидандир. Бу дунёда юксак фазилат бўлса, охиратда туганмас савоб, бахту саодатдир.
11.Сиз фақат Зикрга эргашган ва Раҳмондан ғойибона қўрққанларнигина огоҳлантира оласиз. Энди ўшаларга мағфират ва улуғ мукофотнинг хушхабарини беринг.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қиляптики, модомики, мушрикларнинг итоатсизликлари шундай экан, уларни огоҳлантириб ўтирмай, ўз ҳолларига ташлаб қўйинг. Аллоҳ уларни ҳидоятга бошламаса, ҳатто пайғамбарлар ҳам тўғри йўлга сола олишмайди. Аммо шунга қарамай, пайғамбарлар насиҳат қилишдан тўхташмайди. Зикрга, яъни Қуръони каримга эргашган, насиҳат қадрини билганлар улардан баҳра олишаверади. Раҳмондан ғойибона қўрққанлари учун уларнинг гуноҳлари кечирилиши, жаннатга сазовор бўлишлари ҳақида хушхабар беринг. Куфр ва ширк эгаларини эса дўзахга ташланишлари тўғрисида огоҳлантиринг. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий вазифалари, аввало, ҳаммага даъватни бир бор етказиш, сўнгра уммат ичидан даъватдан таъсирланиб, Қуръонга эргашган ва Аллоҳдан қўрққанларига Ислом таълимотларини етказишдир. Кўзини юмиб, бошини осмонга кўтарганча ғўдайиб қолганларга эса Аллоҳ умуман эътибор бермасликни буюрмоқда. Чунки улар итоатсизликлари, жоҳилликлари, ғафлатдаликлари туфайли дунё ва охират саодатини бой берган кимсалардир. Агар Аллоҳ уларнинг қалбини очмаса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қанча ҳаракат қилсалар ҳам уларга илоҳий даъватни етказишга қодир эмаслар. Шунинг учун уларни қўйиб, асосий эътиборни Қуръонга эргашган ва Аллоҳдан қўрққанларга қаратишлари керак.
12. Биз ўликларни албатта тирилтирамиз ҳамда олдинги ишларини ва кейинги изларини ёзиб қўямиз. Ҳаммасини очиқ китобда ҳисобга олганмиз.
Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, Биз ўликларни албатта тирилтирамиз ва уларнинг олдинги ишларинию кейинги изларини ёзиб қўямиз. Оятдаги “очиқ китоб” деб таржима қилинган “имамум-мубин” жумласи Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги Лавҳул-Маҳфузни билдиради. Ушбу ояти карима шуни исботлаб турибдики, барча махлуқотнинг ягона яратувчиси ва ўлганидан кейин қайта тирилтирувчиси бўлмиш Аллоҳ таоло қиёмат қойим бўлганида барча ўликларни қайтадан тирилтиради ва гуноҳ-савобларини ҳисоб-китоб қилади.
Аллоҳ таолога бандаларининг олдин қилган барча иш-амаллари ҳам яхши маълум, улардан кейин қолган из-асарлар ҳам беш қўлдай аён. Чунки буларнинг бари Ўз ҳузуридаги очиқ-ойдин Китоб - Лавҳул-Маҳфузда ҳам, бандаларининг номаи аъмолларида ҳам батафсил битиб қўйилган. Айрим муфассирлар оятдаги “асар-из” лафзи ўзидан кейин қолдирган ёмонликларга ҳам ишорадир, дейишган, баъзилари “қилмишларининг излари” деган маънони беришган. Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: “Бани Салама уруғи яшаш жойлари масжиддан узоқ эканидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилишди. Шунда Аллоҳ таоло бу оятини нозил қилди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Манзилингиздан жилманглар. (Масжидга босиб келган ҳар бир) изларингиз ёзилади”, дедилар”. Яъни, қадам изларига қараб мукофоти шунчалик кўп бўлади.
Олдинги ояти карималардан маълум бўлдики, Аллоҳ ҳақ, Қуръон ҳақ, пайғамбар ҳақ ва ўлгандан кейин тирилиб, ҳисоб-китоб қилиниш ҳам ҳақ. Шундай экан, одамлар Аллоҳга имон келтиришлари, ҳамиша Унинг тоатида бўлиб, У Зотга бандалик қилиб ҳаёт кечиришлари лозим. Улар Қуръонга амал қилишлари, Пайғамбарга эргашишлари, барча махлуқот ўлгандан кейин қайта тириладиган Кунга тайёргарлик кўришлари даркор. Акс ҳолда, ишлари бесамар, оқибатлари аянчли бўлади. Олдин яшаб ўтган умматларда бунга мисоллар кўп.
13. (Эй Муҳаммад), уларга шаҳар аҳлини, уларга пайғамбарлар келган пайтни мисол қилиб келтиринг.
Ушбу оятда зикр этилган шаҳарнинг қайсилиги, уларга келган пайғамбарларнинг кимлиги ҳақида Қуръони каримда ва саҳиҳ ҳадисларда очиқ-ойдин маълумотлар келмаган. Баъзи муфассирлар бу шаҳарни Антокия экани, унга пайғамбарлар эмас, Исо алайҳис-саломнинг элчилари - Содиқ, Масдуқ ва Шамъунларнинг келгани айтилган бўлса ҳам уларнинг бу фикрлари исботини топмаган, улар келтирган исроилиётларнинг ҳеч бирида асос йўқ. Ҳофиз Ибн Касир бу хусусда келтирган маълумотлардан кейин қуйидагича хулоса чиқариш мумкин: «Шаҳарга юборилганлар Аллоҳнинг пайғамбарларидир, Исо алайҳиссаломнинг элчилари эмас. Шаҳар ҳам Антокия эмас. Чунки бу кейинги оятлардан маълум бўлади. Энг муҳими, Антокия аҳли Исо алайҳиссаломни инкор қилмагани, у кишига биринчи бўлиб имон келтиргани тарихдан маълум ва машҳурдир».
Ҳақиқатан, шаҳарнинг номини, юборилган кишиларнинг кимлиги, исмлари нима эканини билдириш керак бўлганида Аллоҳ албатта бунинг хабарини берар эди. Бу ерда таъкидлаш зарур бўлган энг муҳим нарса воқеалардан ибрат ола билишдир. Ўтганларнинг оқи-батидан хулоса чиқариб, куфрдан қочиш, имонга киришдир. Макка мушриклари эса илоҳий огоҳлантиришдан ибрат олишмади, хулоса чиқаришмади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ томонидан очиқ-ойдин пайғамбар бўлиб, Аллоҳнинг ваҳийларини етказиб турсалар ҳам қавмлари у зот соллаллоху алайҳи васалламни инкор этиб, имонга келмади. Қуръон оятларига ҳам ишонмади. Қуйидаги ояти каримада ўша мушрикларга ҳам, улардан кейин келадиган бошқаларга ҳам ибрат бўлиши учун олдин ўтган қавмлардан бирининг қиссаси мисол қилиб келтирилмоқда.
14. Ўшанда уларга икки нафарини юборганимизда улар икковини ёлғончига чиқаришгач, учинчиси билан қўлладик. Шунда улар: «Ҳақиқатан биз сизларга юборилганлармиз», дейишди.
Ушбу сурада зикр қилинаётган шаҳар аҳолиси ўзининг итоатсизлиги, бузғунчилиги билан танилгани туфайли бўлса керакки, Аллоҳ таоло уларга бир эмас, бирданига икки пайғамбарни юборибди. Шаҳарнинг нодон ва жоҳил аҳолиси Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг сўзига қулоқ солиш ўрнига уларни ёлғончига чиқариб қўяқолди. Шунда Аллоҳ таоло шаҳарликларнинг инсофга келишини ирода қилиб, улар устига учинчи пайғамбарини ҳам юборди. Учала пайғамбар шаҳар аҳлининг олдига бориб, “Бизлар ҳақиқатан сизларга пайғамбар қилиб юборилганмиз”, дейишди. Шунда ҳам итоатсиз қавм уларнинг сўзларига ишонишмади, даъватларини рад этишди.
15. Улар: «Сизлар ҳам бизга ўхшаган одамсизлар. Раҳмон бирор нарса нозил ҳам қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзлаяпсизлар», дейишди.
Жоҳил ва осий кимсаларнинг табиати ҳамиша бир хил бўлади: уларга ҳақни айтсанг, ишонмай бунга исбот келтиришни талаб қи-лади. Рад этиб бўлмас далил-ҳужжатлар билан уни исботлаб қўйсанг, иложсизликдан, мот бўлганидан сени осонгина ёлғончига чиқариб қўя қолади. Уларга ҳатто илоҳий ваҳийлар ҳам, очиқ мўъжизалар ҳам кор қилмайди, итоатсизлик, қайсарлик қилишаверади. Мазкур шаҳардагилар ҳам ана шу тоифадан эди. Бошқа кофир кимсалар ўйлагани каби уларнинг тасаввури бўйича ҳам оддий одамлардан пайғамбар чиқмаслиги керак, улар бошқача суратда, қандайдир ғайритабиий кўринишда бўлиши керак. Ана шу тасаввурлари ортидан ўзларига насиҳат қилаётган Аллоҳнинг пайғамбарларига эргашиш ўрнига уларга эътироз билдира бошлашди. Пайғамбарларга қарата: “Сизлар ҳам бизлар каби оддий одам бўлсанглар, нега сизларнинг гапингизга ишонишимиз керак? Башар наслидан эканингиз очиқ кўриниб турибди. Бунинг устига Аллоҳнинг ваҳий-амрларини етказяпмиз, деган гапларинг ҳам асоссиз, чунки Парвардигор сизларга ҳеч нарса туширмаган ҳам. Булардан аён бўлиб турибдики, сизлар ёлғон гаплар билан бизни алдамоқчи бўляпсизлар, биз сизларга мутлақо ишонмаймиз”, дейишди. Уларнинг адашуви шунда эдики, Аллоҳ юборган пайғамбарлар ўзларига ўхшаган одам наслидан бўлгани учун уларни инкор қилишга ўтишди. Пайғамбарларни сўраб-суриштиришмади, айтаётган гаплари хусусида мулоҳаза қилиб кўришмади ҳам, холис фикр юритиб, масаланинг моҳиятига етишмади ҳам. Ҳеч бир исбот-далилсиз «Сизлар ҳам бизга ўхшаган одамсизлар, пайғамбар эмассизлар» дейишдан нарига ўтишмади. Ваҳоланки, пайғамбарлар фақат инсон наслидан чиқади, инсонлар жамоасига одамзоддан бошқаси пайғамбар бўлмайди, бўлиши мумкин ҳам эмас. Табиати бузуқ шаҳарликлар ҳатто ўша пайғамбарларга Аллоҳдан ваҳий келганини ҳам бир йўла инкор қилиб: «Аллоҳ сизларга ҳеч қандай ваҳий туширгани ҳам, таълимотлар юборгани ҳам йўқ», дейишди. Бу сўзлари билан улар Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончига чиқаришди. Шаҳар аҳолисининг бу гаплари уларнинг пайғамбарлар ҳақида нотўғри тасаввурда эканларини кўрсатиб турибди. Уларнинг фикрича, Аллоҳдан ваҳий қабул қилиб оладиган пайғамбар одамлардан эмас, қандайдир ғайри-табиий зотлардан бўлиши керак. Улар шуни ўйлаб кўришмадики, оддий одам бўлса, унинг пайғамбарлиги қаерда қолади? Оддий одамга қандай қилиб Аллоҳдан ваҳий тушади. Инсонлар ана шундай мулоҳазалардан келиб чиқиб, ким «Мен пайғамбарман, менга Аллоҳдан ваҳий тушди» деса, ёлғон гапирган бўлади, деган тасаввурга боришади. Оятда зикри келган шаҳар аҳли ҳам ўзларига келган пайғамбарларнинг оддий инсонлигидан ажабланиб, уларни инкор қилмоқдалар, нозил бўлган ваҳийни рад этиб, элчиларни ёлғончига чиқармоқдалар.
16. Улар айтишди: «Парвардигоримиз биладики, биз сизларга юборилганлармиз;
Шунда Аллоҳ таоло томонидан келган пайғамбарлар шаҳар аҳлининг қайсарларча раддияларига жавобан ишонч билан ўз далилларини келтиришди: “Бизларнинг пайғамбар эканимизни билмай, ёлғончи санаётганингиз билан ҳамма нарсани билувчи Парвардигоримиз буни ҳам яхши билади. Сиз ишонасизми-ишонмайсизми, барибир, бизлар сизларни тўғри йўлга бошловчи Аллоҳнинг элчиларимиз. Сизларнинг инкор ёки рад этишингиз билан Аллоҳнинг рисолатини ёйиш тўхтаб қолмайди, Ер юзида илоҳий низом жорий бўлмай қолмайди. Бутун борлиқни ва ундаги мавжудотларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг инсониятга юбораётган таълимотлари инсонларни тўғри йўлга ҳидоят қилувчи нурли маёқ бўлиб қолаверади.
17. зиммамизда аниқ етказишдан бошқа нарса йўқ».
Пайғамбарлар ўша шаҳар аҳолисига шундай дейишди: “Бизларнинг вазифамиз сизларга Аллоҳ таолонинг амр-фармонларини етказиб қўйиш, холос. Уларни қабул қилиш ёки рад этиш сизларнинг зиммангиздадир. Агар уларни қабул этсангиз, Парвардигорингизнинг розилигини топиб, Унинг мукофотига сазовор бўласиз ва икки дунё саодатини қўлга киритасиз. Агар инкор этиб, осийлик қилсанглар, Аллоҳнинг ғазабига учраб, дунё ва охиратингизни бой берасизлар”. Аммо пайғамбарларнинг бу огоҳлантириши шаҳар аҳолисига кор қилмади, улар Аллоҳнинг элчиларига олдингидан ҳам қўполроқ муомалада бўлишди.
18. Улар: «Биз сизлардан ёмон гумондамиз. Агар тўхтамасангиз, сизларни албатта тошбўрон қиламиз ва сизларга биздан аламли азоб етади», дейишди.
Тафсирларда зикр қилинишича, мазкур шаҳар аҳолиси Аллоҳнинг пайғамбарларига итоатсизлик ва гумроҳлик қилавергач, Парвардигор улар устига қаттиқ қаҳатчилик балосини юборган экан. Шунда улар бошларига тушган мусибатни пайғамбарларнинг “шумқадамлиги”га йўйиб, уларга очиқдан-очиқ таҳдид қилишга ўтишади: “Эй пайғамбарлик даъвосини қилаётган ёлғончилар, сизларнинг қадамингиз ёқмай, бошимизга турли балолар келяпти. Сизлар ҳақингизда ҳар хил ёмон гумонларга боряпмиз. Агар сизлар бу ишларингни тўхтатмасанглар, сизларни тошбўрон қилиб ўлдириб юборамиз. Ёки бошқа бир аламли азоблар билан қийнаб йўқ қиламиз. Шунингучун эсингиз борида бу ердан жўнаб қолинглар”.
Одатда Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига куфр келтирувчи осий кимсалар ана шундай саркаш ва жоҳил бўлишади. Аввалда ўзларига насиҳат қилаётганларни ёлғончига чиқаришади, турли туҳмат-бўҳтонлар билан бадном қилишга уринишади. Бу ҳийлалари фойда бермай, кучли мантиқ ва мутлақ ҳақиқат олдида таслим бўлиб қолганларидан кейин очиқ дўқ-пўписага ўтадилар. Уларнинг ким ҳақида ёмон гумонга бораётганига эътибор беринг: “Аллоҳга ибодат қил” деган одамлардан бадгумон бўлишяпти, “Адашувдан ҳақ йўлга ўт” деган кишилар ҳақида ёмон фикрга боришяпти. “Ҳаромдан ҳазар қил, бузуқ ишларга юрма, зулм ва гуноҳдан тийил” деган инсонлардан бадгумон бўлишяпти. Хулласи, ўз нафсларига ёқмаган ишлардан қайтарган, гуноҳ ва бузуқликларнинг ёмонлигидан огоҳлантирган ҳар бир кишини улар ўзларига душман санайверадилар, қаршилик кўрсатаверадилар.
19. Улар: «Ёмон гумонларингиз ўзингизда қолсин. Сизларга насиҳат қилинса ҳамми?! Иўқ! Сизлар ҳаддидан ошган қавмдирсиз», дейишди.
Аллоҳнинг элчилари ана шу саркаш, итоатсиз шаҳар аҳлига ҳақиқатни тушунтирмоқчи бўлишди: “Бошингизга келган балоларга ўзларингиз сабабчисиз, агар Аллоҳга осийлик қилмаганингизда қаҳатчилик балосига учрамас эдингиз. Сизнинг ёмон гумонларингиз ўзларингда қолсин. Сизларга шунча насиҳат қилсак ҳам кулоққа олмадингиз, кўзларингиз очилмади. Чунки сизлар ҳаддидан ошган, ёмон қилмишлари билан ўз жонига зулм қилган итоатсиз кимсасизлар”.
Ҳақиқатан, ўша пайғамбарлар шаҳар аҳолиси зиммасига бажариб бўлмайдиган қийин вазифаларни юкламаган, машаққат ва азоб келтирадиган ишга чорламаган эди. Аллоҳнинг элчилари шаҳарликларга ўзларини яратган ягона Холиқлари Аллоҳ таолони эслатиб, У Зотни танишга даъват қилишган эди. Бу дунёда куфрдан ҳам оғир жиноят йўқлигини, бунинг оқибати дўзахдаги абадий азоб-қийноқлар билан хотималанишини эслатмоқчи бўлишган эди. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига итоатсизлик охиратда ниҳоятда қимматга тушишини, бу нарса ўта ҳаддан ошиш, оғир зулм ва энг қабиҳ иш эканини билдирмоқчи бўлишган эди. Аммо шаҳарликлар уларни инкор қилиб, абадий саодатдан маҳрум бўлишди ва кофирликларича қолиб кетишди.
20. Бир киши шаҳар чеккасидан шошганча келиб, шундай деди: «Эй қавмим, юборилганларга эргашинг!»;
Тафсирларда зикр қилинишича, келган кишининг исми Ҳабиб Нажжор бўлиб, ўзи имонли ва карамли бир киши эди. Унинг “Эй қавмим!” деб мурожаат қилиши унинг шу шаҳар аҳлидан эканини англатиб турибди. Ҳабиб Нажжор ақлли, инсофли ва қавми учун куюнчак киши эди. Қавмининг нотўғри йўлга кириб, Аллоҳ юборган элчиларга қарши чиққанини, уларнинг шаънига бўлмағур сўзларни айтаётгани эшитиши билан шаҳарнинг нариги чеккасидан шошиб келиб, дарҳол: «Эй қавмим, Аллоҳ томонидан юборилганларга эргашинг!» деди. У қавмини Аллоҳ юборган пайғамбарларга шунчаки қаршилик кўрсатмасликка эмас, балки уларга эргашишга, айтганларини сўзсиз бажаришга ҳам даъват этмоқда.
21.сизлардан ҳақ сўрамайдиган, ўзлари ҳидоятда бўлганларга эргашинг!;
Бу пайғамбарлар қилган даъватлари учун сизлардан ҳақ ҳам, мукофот ҳам кутишмайди. Бу зотлар халқдан беҳожат бўлишган, яъни бошқаларга муҳтож бўлишмаган. Аллоҳнинг ваҳийларини келтирганлари, рисолатини етказганлари учун садақа ва эҳсонларни ҳам қабул қилишмаган. Ана шуларгина ҳидоятдадирлар. Шунинг учун ҳақни дейишда, ҳар бир ишда фақат пайғамбарларга эргашиш лозим.
22. мен нима учун ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин?! Сизлар ҳам Унгагина қайтариласизлар;
Ҳабиб Нажжор исмли мўмин киши жоҳил қавмини ҳидоятга бошлаш, уларни ҳаққа даъват қилиш мақсадида шундай хитоб қилди: “Сизлар менинг бунчалар жон куйдираётганимга, ҳолатингизга ачинаётганимга ҳайрон бўлманглар. Аллоҳ таоло мўминлар қаршисига икки йўлни - ҳидоят ва залолатни қўйган. Улардан қай бирини танлаш банданинг ихтиёрида: ҳидоятни танлаган абадий саодатга эришади, залолатни танлаган мангу азобга қолади. Мен мўмин одамман, Аллоҳга ибодат қилувчи бир бандаман. Мен ҳам итоаткор банда сифатида Парвардигоримга ибодат қиламан. Мен қай мақомга етибманки, нима мартабага эришибманки, ўзимни яратган, ҳидоятни кўрсатган Зотга ибодат қилмайин?! Дунёдаги жамики мавжудотни, Еру осмонлар орасидаги бутун оламларни яратган Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиш, Унинг амрида туриш ҳар бир банданинг шарафли бурчидир. Мен ҳам ана шу бурчга содиқ қолиб, ўзимни яратган Аллоҳга ибодат қиламан. Чунки қиёмат куни барча инсонлар У Зотнинг ҳузурига қайтишади ва дунё ҳаётида қилган амаллари борасида ҳисоб беришади. Барчамиз бир куни барибир Аллоҳнинг ҳузурига қайтариладиган бўлсак, фақат Унинг Ўзигагина бандалик қилишда масъулмиз. Эй инсонлар, тавбалар қабул бўлиши тугайдиган қиёмат куни келмасидан олдин гуноҳларингизга тавбага шошилинглар, ягона Парвардигорингизга имон келтиришга, Унга ибодат қилишга шошилинглар!
23. У Зотни қўйиб, бошқа илоҳлар қилиб олайми?! Агар Раҳмон менга бирор зарарни раво кўрса, уларнинг шафоати менга асло фойда бермайди ва улар мени қутқара олишмайди ҳам;
Мўмин киши айтяптики, нега энди мен ҳамма инсонларни яратган қудратли Зотни қўйиб, кўлидан бирор иш келмайдиган қандайдир “илоҳ”ларга сиғинишим керак? Аллоҳ ар-Раҳийм, яъни шунчалар раҳмлики, инсонларнга соғлик, мол-дунё, маскан ва нафс роҳатини ато қилади. Лекин ар-Раҳмон сифати билан бандаларининг охиратига қарайди. Қўлларидан ушлаб, солиҳ амалларга йўллайди. Бахтли бўлишлари учун абадий ҳаётга чорлайди. Энди холис айтинглар-чи, ўзимни яратган, менга ҳаётдаги ризқлар, атолар, имконларни берган Зот турганда ожиз ва нотавон бут-санамларни илоҳ қилиб олишим тўғри бўладими? Аллоҳдан бошқани илоҳ тутиши учун инсон ақлини йўқотган бўлиши керак. Ўша сохта илоҳлар мени Аллоҳ ирода қилган зарардан қутқара олишмайди. Шундай экан, Аллоҳни қўйиб, уларни худо қилиб олишим ғирт ақлсизлик бўлади.
24. у ҳолда мен очиқ-ойдин адашувда бўлурман;
Солиҳ инсон яна айтяптики, сохта илоҳлар мени Аллоҳнинг иқоби ва азобидан қутқара олмас экан, мен нечун Аллоҳдан ўзга сохта “илоҳ”лардан ёрдам кутишим, уларга суянишим керак? Улар менга асло ёрдамга келмайди, нажот беришга қодир ҳам эмас. Шунинг учун мен ҳеч қачон Аллоҳни қўйиб, бошқа нарсаларни илоҳ қилиб олмайман. Қудратли ва ҳикматли Зотнинг ибодатини қўйиб, ожиз ва ночор бут-санамларга бандалик қилсам, уларга сиғинсам, мендан ортиқ гумроҳ ва жоҳил кимса бўлармикин? Ҳолбуки, сохта “илоҳ”лар ўзларига келган бирор зарарни даф қила олишмайди, шундай бўлгач, бошқаларга қандай қилиб ҳомий ва мададкор бўла олишарди?
25. ҳақиқатан мен Парвардигорингизга имон келтирганман. Энди мени эшитинглар».
Ўша мўмин киши жаҳолатда қолган қавмга яна шундай деяпти: «Шуни яхши билиб олингларки, мен бутун оламларнинг ягона Парвардигори, Еру осмонлардаги барча мавжудотнинг ёлғиз яратувчиси Аллоҳга имон келтирганман. Энди гапимнинг давомини эшитинглар, сизларга ҳақни айтганим учун мени ноҳақ ўлдиришга қарор қилдинглар. Аммо бу зулмларингиз билан менга заррача зарар етказа олмадинглар, аксинча Парвардигорим мени инсон зоти тасаввур ҳам қила олмайдиган улуғ марҳаматига сазовор этди”.
26. «Жаннатга кир», дейилди. У айтди: «Қанийди, қавмим билсайди;
Мўмин банда бу сўзини бутун жамоатга қарата айтди. Ушбу сўзни эшитган мушрик қавм баробар ҳамла қилиб, бир лаҳзада уни шаҳид этишди. У ҳалок бўлгани заҳоти Аллоҳ таоло “Эй бандам, жаннатга кир!” деб марҳамат этди. У жаннатдаги ҳолатни кўриб, яна қавмига шафқати жўшди, уларнинг имонга киришларини орзу қилди. “Қанийди, қавмим менинг қандай мукофотга сазовор бўлганимни билсайди?!” деб уларга ҳам имон лаззатини ва шарафини тилади.
27. Парвардигорим мени мағфират қилганини ва мукаррам кишилардан қилганини».
Имонли банда жоҳиллар қўлида шарафли ўлим топганидан кейин Аллоҳ ўша лаҳзада бунинг мукофотини берди. Унга дарҳол жаннатга кириши кераклиги айтилди. Собит имони ва гўзал ихлоси учун Аллоҳ таоло бу бандасини Ўз фазли ва карами билан олий мукофотга сазовор қилди. Солиҳ банда жаннатга киргач, у ердаги нозу неъматлар, иззат-икромлар, жаннатийларга атаб қўйилган ато ва марҳаматларни кўрган заҳоти ўша жаҳолатда қолиб кетган қавмни эслади. “Қанийди, қавмим Аллоҳ менинг барча гуноҳларимни кечирганини, Ўзининг буюк марҳамати билан кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъмат ва лаззатларга кўмиб юборганини кўришса эди” деб, ўзининг собит имони учун Аллоҳ берган мукофотларни қавмга изҳор қилгиси келди.
28. Биз ундан кейин Унинг қавмига осмондан бирор қўшин туширмадик ва туширмоқчи ҳам эмас эдик.
Аллоҳ таоло айтяптики, имонли бандамизни ўлдиришганидан кейин унинг ўлими учун қасос олиш мақсадида осмондан азоб фаришталаридан иборат лашкарларни туширмадик, туширмоқчи ҳам эмас эдик. Ваҳоланки, Биз бу жоҳил қавмнинг ярамас қилмишлари учун бир бандамни Менга имон келтиргани учун дарғазаб фаришталарни юбориб, уларни қаттиқ азоб-қийноқларга учрати-шимиз ҳам мумкин эди. Аммо Биз бундай қилмадик, бундан ҳам даҳшатлироқ жазоимизни қўлладик.
29. Фақат биргина “қичқириқ” бўлдию, улар бирдан “ўчиб” қолишди.
Аллоҳ таолонинг адолати ёки жазоси шунчалар буюкки, бунинг қамровини ва нақадар улкан кучга эгалигини ноқис инсоний тасаввурлар чуқур ҳис эта олмайди. Ер юзидаги минглаб, миллионлаб осий инсонларни бир лаҳзада йўқ қилиш ёки уларга омонлик бериш Аллоҳ таоло учун асло машаққат туғдирмайди. Зилзилами ёки қаттиқ бўронми, сув тошқинию ёки тоғ кўчишими, инсон атрофида кўриб, тасаввур қилиб турган офатлари сабабли бутун-бутун халқларни ҳалок этиш ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ. Аммо бу ўринда У бошқа жазосини юборди: уларни бир кучли овоз билан йўқ қилди. Аллоҳ таоло жоҳил қавмни азоблаш учун осмондан азоб фаришталаридан иборат лашкарни тушириб ҳам ўтирмади. Ортиқча ҳаракатга йўл қўйилмай, ўша нобакор қавм бир лаҳзада ҳалок қилинди. Аллоҳ таолонинг амри билан улар устига даҳшатли бир қичқириқ бўлдию барчалари йўқлик қаърига кетишди. Ёниб турган чироқни шамол бир лаҳзада ўчириб қўйгани каби Аллоҳ таоло уларни ҳам сўндириб қўйди. Солиҳ инсонни ўлдири-шаётганда бақир-чақир қилишаётган эди, Аллоҳнинг азоби келгач, овозлари ҳам чиқмай қолди, ёниб тугаган кул каби ўзлари арзимас нарсага айланишди. Энг асосийси, улардан олдингилар ҳам шундай гумроҳликка кетиб, илоҳий амрлардан чекинганларида ҳалокатга юз тутишган эди. Булар ҳам улардан ибратланиб имонга келиш ўрнига уларнинг хатосини қайтаришди ва ёппасига ҳалок бўлишди.
30. Бандаларга надоматлар бўлгайки, уларга бирор пайғамбар келиши билан уни масхара қилишар эди.
Инсоният тарихи саҳифаларини варақласангиз, қадимдан ҳамиша шундай бўлиб келганини кўрасиз. Инсонларни тўғри йўлга, ҳақ ва ҳидоят йўлига йўллаш учун Аллоҳ таоло қай бир пайғамбарни юбормасин, ўша бандаларнинг мушрик қисми илоҳий рисолатни олиб келган пайғамбарларни масхара қилишни бошлаб юборишар эди. Уларнинг бу қилмишлари асло жазосиз қолмаслигини билишганида эди, ана шу аҳмоқона ишларини ташлаган, пайғамбарларга эргашган, имон сари юзланган бўлишарди.
31. Ахир улар ўзларидан олдинги қанча авлодларни ҳалок қилганимизни, ўшалар уларнинг олдига қайтмаётганини кўришмайдими?!
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз юборган пайғамбарларни масхара қилиб, уларга итоатсизлик қилаётган ўша мушрик кимсалар озгина фикр юритишса, ўтмишдошларининг қисматидан ибрат олишса бўлмайдими? Агар тарихга ибрат назари билан боқишганида улардан олдин ўтган қанчалаб қавмларни осийликлари учун бутунлай ҳалок қилиб, Ер юзидан йўқ қилиб юборганимизни, ўша ҳалок бўлганлар кейинги авлодлар олдига асло қайтмаётганини кўрган бўлишарди.
32. Барчалари хузуримизда ҳозир қилинувчилардир.
Яъни, қиёмат қойим бўлганида олдин ўтганлар ҳам, ҳозиргилар ҳам, кейингилар ҳам - ҳаммалари Маҳшар куни Бизнинг ҳузуримизга бош уриб келишади, дунё ҳаётида қилган амаллари юзасидан ҳисобга тортилишади. Ана ўшанда Биз уларга Ўз иродамизга, истагимизга кўра муомала қиламиз, бунда ҳеч ким орага тушиб, азобимизга гирифтор бўлганларни қутқариб қололмайди. Майли, улар ҳозирча кибр ва ғурурлари туфайли куфр келтириб юришаверсин, юборган пайғамбарларимизни масхаралаб, уларга озор етказиб туришаверсин. Улар пайғамбарларимизни инкор қилганлари, ваҳийларимизни ёлғонга чиқарганлари, қайта тирилишга ишонмаганлари учун қиёматда абадий жазога қолишларини билишганида бу қадар гумроҳлик қилмаган бўлишарди. Улар ҳозир вақт ва имкон борлигида адашганларини тан олиб, имонга келишса, ўзларини ўнглашса, Аллоҳ бандаларни қиёматда қайта тирилтиришига ишонишса, ўзларига фойда бўларди, икки дунё саодатига мушарраф бўлишарди. Аммо инсонларнинг аксарияти далил-ҳужжатлар бўлишига қарамай, Парвардигорларининг ҳамма нарсага қодирлиги, барча жонзотни яратган Зот уларни яна ўлдиришига ва қайта тирилтиришига ишонмай, куфр ва ширк ботқоғида қолиб кетишяпти.
33. Улар учун ўлик ер бир аломатдир. Уни тирилтирдик ва ундан сизлар ейдиган донлар ундирдик.
Бир тасаввур қилиб кўринг: деҳқон ерга биттагина буғдой уруғини экди. Аллоҳнинг қуёшидан чиққан нур ва ерга ёғдирган суви ёрдамида ҳилвираган, заиф бир майса униб чиқади. Кейин у шохчалар чиқариб, улар учида бошоқлар пайдо бўлади. Бояги жонсизгина майса ўнлаб бошоқларни кўтаришга қодир қувватли пояга айланади. Битта бошоқда етмиштагача дон бўлишини ҳисобга олсак, биттагина уруғдан етти юзтадан ортиқ дон олинади. Кечагина сув йўқлигидан қуриб-қақраб ётган ердан Аллоҳнинг лутфи инояти билан ана шундай мўл ҳосил олинади. Ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилаётган айрим нодон кимсалар Аллоҳнинг мана шу яратувчилик қудрати ҳақида озгина фикр юритишганида қиёмат куни инсонларни ҳам ана шу майса каби ердан “ундириб”, тирилтириб чиқаришига имон келтирган бўлишарди. Бутун дунё олимлари бирлашиб ҳам бир дона қовун уруғи бажарган ишни уддалай олишмайди. Улар ўзлари “кашф қилган” қовунларининг қуруқ ерда униб-ўсишини, ингичка пояда залворли мева тугишини, унда етарли миқдорда шакар ва бошқа дармондорилар бўлишини эплай олишмайди. Аллоҳнинг қиёматда инсонларни қайта тирилтиришига ишонмаётган кимсалар ҳеч бўлмаганда ўзлари тановул қилиб турган нарсалар устида озгина мулоҳаза юритишганида, Аллоҳ таоло ўлик ерни қайта тирилти-рилганидан кейин қандай анвойи набототларни ундириб қўйганини ўйлашганида ўзларининг ҳам қайта тирилишларига албатта ишонган бўлишарди.
34. Яна унда хурмо ва узум боғлари қилдик ҳамда улардан булоқларни чиқардик;
Куфр ва ширк сиртмоғидан чиқа олмай, жаҳолатда юрган кимсалар сал инсоф билан ўйлаб кўришганида Аллоҳ таоло яратган ҳар бир нарсада буюк Яратувчининг мўъжизасини кўрган бўлишарди. Сувсизликдан қақраб, “ўлиб” ётган заминда экин ундириш, мевали боғлар пайдо қилиш ҳам Аллоҳ таолонинг қудрати ва ихтиёрига боғлиқ: агар У осмондан ҳаёт суви бўлмиш қор-ёмғирларни ёғдирмаса, ўша ўлик ердан бирор гиёҳ униб чиқмайди. Сув бўлсагина заминдан донлар униб чиқади, мўл-кўл хурмо ва узум ҳосили йиғиб олинади. Қуръон нозил бўлган Араб ўлкасида одамларнинг истеъмол қиладиган нарсаси арпа дони ҳамда хурмо ва узум эди. Экинзор ва боғлар асосан қудуқ ва булоқ сувларидан суғориларди. Агар осмондан ёғин ёғмаса, уларда ҳам сув қуриб қолар, ҳамма нарса осмондан ёғадиган илоҳий раҳматга қараб қолган бўларди. Қуръондаги бундай мисоллар қурғоқчилик мунтазам бўладиган юртларнинг халқига айниқса яхши таниш: уларнинг тирикчилиги, ризқлари манбаи асосан Аллоҳ ёғдирадиган қор-ёмғирга ва ердан чиқарадиган булоқлар сувига боғлиқдир.
35. токи унинг меваларидан ва қўллари етиштирган нарсалардан ейишлари учун. Ахир шукр қилишмайдими?!
Яъни, ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмайдиган кимсалар гиёҳ унмай, қуп-қуруқ ерларга боқишмайдими? Инсон ҳар қанча тиришса ҳам, барча воситаларни ишга солса ҳам Аллоҳнинг лутфу иноятисиз ўша ерларда биттагина донни ҳам ундира олмайди. Аллоҳ таологина ўлиб ётган ерни тирилтиришга, унда инсонлар ейдиган донни чиқариш, хурмо ва узум боғларини ўстириш, уларни суғориш учун эса анҳор ва булоқларни оқизиб қўйишга қодирдир. Токи инсонлар ана шу боғларнинг мевасидан ейишсин, ўз қўллари билан етиштирган экинларнинг ҳосилини тирикчиликлари учун ишлатишсин ва Аллоҳга имон келтириб, ана шу неъматларнинг шукрини адо этишсин. Агар Парвардигор ўлик-қақроқ ерни тирилтирмаганида, ундан дон, боғ-роғлар ва сув чиқармаганида, инсонлар унинг мевасини ҳам ея олмас, қўллари билан турли таомларни тайёрлай олмас эдилар. Ана шундай яратиш қудратига эга бўлган, она қорнидаги ўлик ҳомилага жон ато этган Зот ўликларни қайтадан тирилтиришга қодир бўлмасмиди?!
36. Ер ундирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан барча жуфтларни яратган Зот покдир.
Аллоҳ таоло борлиқдаги барча мавжудотни ўз жуфти билан яратган. Ушбу ояти каримада эса ерда унувчи нарсаларнинг, инсонларнинг ўзларидаги ва улар билмайдиган нарсаларнинг ҳам жуфти борлиги ҳақидаги улкан ҳақиқат баён қилинмоқда: “Ер ўстирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан, барчасидан жуфтларни яратган зот пок бўлди”. Бу ўринда Қуръон барча нарсалар, шу жумладан, бугунги кунда инсониятга маълум бўлмаган, кейинчалик кашф қилиниши мумкин бўлган нарсалар ҳам жуфт яратилганининг хабарини бермоқда. Бу гап аввалда инсониятга маълум бўлмаган, кейинчалик кашф этилган электрга ҳам тааллуқлидир: электр атоми манфий ва мусбат зарядланган заррачалар - электрон ва нейтронлардан ташкил топган. Ўсимлик дунёси таркибидаги барча мавжудотларнинг жуфт-жуфт қилиб яратилгани ҳам илмга яқинда маълум бўлди. Ҳозирги замон илмининг бу кашфиёти Қуръони каримнинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканини яна бир бор тасдиқлади. Аллоҳ таолодан бошқа ҳамма нарса жуфтига муҳтождир, фақат Аллоҳ таологина яккаю ёлғиздир. Одамларнинг ўзларидан ҳам, улар билмайдиган бошқа нарсалардан ҳам жуфтлар яратди. Инсонлар ҳам жуфтсиз яшай олмайдилар, авлодлар силсиласи узилиб, ер юзида ҳаёт давом этмай қолади. Одамларнинг билими чегараланган, улар сири ва ҳикмати фақат Аллоҳгагина хос бўлган кўпгина ғайбий нарсаларни билишмайди. Аммо ўзлари учун номаълум бўлган мавжудотларнинг жуфтсизлари ҳам бормикин, деган хаёлга бормасликлари учун Аллоҳ “Биз улар билмайдиган нарсалардан ҳам ўз жуфтларини яратганмиз” деб хабар бермоқда. Борлиқдаги ҳамма нарсани жуфти билан яратган қудратли ва билувчи Зот Унга тақалаётган барча айб-нуқсонлардан, мушриклар Унга нисбат бераётган “шерик”лардан покдир.
37. Улар учун тун ҳам бир аломатдир. Биз уни кундуздан шилиб олишимиз билан улар бирдан зулматда қолишади.
Ушбу ояти каримада “тунни кундуздан суғуриб олиш” маъноси-даги гўзал бир ташбеҳ бор. Тун-зулмат манфий, кундуз-ёруғлик эса мусбат сифатдир. Ҳақиқатан Аллоҳ тунни кундуздан шилиб, суғуриб олиши билан олам нурафшон бўлади, инсонлар ғафлатдан уйғониб, тирикчиликлари билан шуғулланишни бошлашади. Ҳайвон териси аста шилиб олингани каби тун ҳам кундузнинг устидан аста шилиб олинади. Инсонлар бу ҳақда, атрофларидаги Аллоҳ таолонинг аломат-мўъжизалари ҳақида тафаккур қилиб кўришсин: зулматни ёруғлик устидан сидириб-шилиб ташлаган Аллоҳ инсонларнинг ўзларини ўлгандан кейин қайта тирилтиришга қодир эмасми? Ушбу ҳақиқатнинг ўзиёқ Аллоҳ таолонинг Бирлигига, Борлигига ва ҳамма нарсага қодирлигига, жумладан, ўликларни қайта тирилтира олишига исбот-далил эмасми?! Ҳар куни тун ўрнини кундузга, кундузни тунга алмаштирадиган, ўликлардан тирикни, тириклардан ўликни чиқарадиган Зот Ўзи яратган бандаларини ўлдиришга ёки тирилтиришга қодир бўла олмасмиди?
38. Куёш ўз қароргоҳи сари юради. Бу қудратли ва билувчи Зотнинг ўлчовидир.
Қуёшдан келаётган ёруғлик ва иссиқлик унда беш миллиард йилдан бери давомли суратда содир бўлаётган кимёвий жараёнлар туфайлидир. Қиёмат қойим бўлганида бу жараён албатта ниҳоясига етади, ўшанда қуёш тўлалигича ўчади, сўнади, тугайди, натижада Ер юзидаги барча тирик нарсалар ҳалок бўлади. Қуёшнинг боқий қолмаслиги ҳақида Қуръони карим шундай хабар беради: “Қуёш ўз қароргоҳи сари юради. Бу қудратли ва билувчи Зотнингўлчовидир”. Мазкур оятдаги арабча “мустақарр” сўзи белгиланган макон ёки вақтни билдиради. Шундай қилиб, Қуръондаги хабарга кўра, қуёш олдиндан белгилаб қўйилган макон - ўз истиқрори томон муайян вақтгача жараён этади, ҳаракатда бўлади, бир кун келиб эса сўнади ёки тугайди. Қуёш ҳам Аллоҳ таолонинг Бирлигига ва Борлигига, Унинг ҳамма нарсага қодирлигига, жумладан, ўликларни қайта тирилтиришга ҳам қодир эканига бир далил-аломатдир. Оятда қуёшнинг яратилиши, унинг улканлиги, таратиб турган зиёси ва бошқа хусусиятлари ҳақида эмас, балки ўз истиқрори учун ажратилган маконда ва замонда ҳаракатланиши ҳақидагина гап кетмоқда. Шундай улкан бир сайёрани ўз истиқрори томон жорий қилиб қўйган Зот ўлганларни қайта тирилтира олмасми?! Қуёш ҳам, бошқа сайёралар ҳам ўта қудратли ва билувчи Зот тақдир қилган жараёнда ҳаракатланади. Шунинг учун улар миллиард йиллардан буён ўз вазифасини бекаму кўст адо этиб турибди.
39. Ойни эса то эски хурмо шохи ҳолатига қайтгунига қадар манзилларида ўлчаб қўйганмиз.
Замонавий илм ҳам ойнинг ҳаракат йўлига қараб, яъни унинг янги пайдо бўлиши, сўнгра катталашиб тўлиши ва охирига бориб ой ўроғининг ғойиб бўлишигача ўрганиб чиққач, Қуръони карим васф қилган жараённинг ҳақлигига яна бир карра тан берган. Ойнинг Ер ва қуёш оралиғида эгаллаган ўрни, манзили ҳам ўзгариб туради, бир ой мобайнида у Ер атрофида бир марта айланиб чиқади ва йигирма саккиз хил шаклга киради. Чунки Аллоҳ таоло ой учун ҳам алоҳида манзилларни белгилаб қўйган. У ҳар куни ҳар хил манзилдан чиқади, ҳар куни бизга ҳар хил кўринишда кўринади.
Араб тилидаги “уржун” сўзи хурмонинг сохта бошоғини ёки унинг паст қисмини англатади. Сохта бошоқ одатда қариганида сарғайиб қурийди ва охири худди ўроққа ўхшаб эгилиб қолади. Оятда ойнингўроғи ана шу бошоқнинг охирги ҳолатига ўхшатилмоқда, яъни «ойни охирида эски уржун ҳолига қайтарамиз», дейилмоқда. Лекин янги чиққан ҳилол билан кичрайиб бораётган ҳилолнинг фарқи бор. Янги туғилган ҳилол тамоман ўзгача: унда янгилик, гўзаллик, ҳаёт аломатлари барқуриб туради. Охирида ҳилол шаклига келган ой эса эски уржун - қуриб қолган бошоққа ўхшаб, кўримсиз, эгилган бўлиб қолади. Бу жараён миллион йиллардан буён сира ўзгармай давом этиб келяпти. У бирор кун тўхтаб ҳам қолмайди ёки бошқачароқ кўринишда бўлиб қолмайди. Шунинг учун ойнинг у ёки бу кундаги ҳолатига қараб аниқ ҳисоб-китоб чиқариш мумкин. Шунинг учун мусулмонлар ой ҳисобини ўзларига йил санаси учун тақвим ўлароқ қабул қилишган. Дунё яралганидан буён ойни шундай бир дақиқнизомга солиб, бир маромда юришини белгилаб қўйган Зот аввал Ўзи яратган одамларни бир муддат ўтгач ўлдиришга, кейин эса қайта тирилтиришга қодир бўла олмасмиди?!
40. На қуёш ойга етиб олади ва на кеча кундуздан ўзиб кета олади. Барчаси фалакда сузиб юради.
Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳ таолонинг борлиқдаги яна бир мўъжизаси, аломати зикр қилинмоқда. Ой ҳам, қуёш ҳам фақат Парвардигор белгилаб қўйган манзилда ҳаракатланади, ҳеч қачон қуёш ойга етиб олмайди, кеча билан кундузнинг ўрни ҳам алмашиб қолмайди. Ҳаммаси илоҳий низом асосида ўзига белгилаб қўйилган фалакда сузиб юради. Бу низом шунчалар дақиқлик билан белгилаб қўйилганки, буни ўзгартиришга, бироз олдинга ёки ортга суришга ҳеч бир куч қодир эмас. Чунки қуёш ҳам, ой ҳам турли орбиталарга жойлаштирилган, Парвардигор белгилаб қўйган чизиқдан чиқмайди, шу боис улар бир-бирини қувиб ўта олмайди, бири бошқасига ета олмайди. Қуёш билан ой Ернинг бир тарафида пайдо бўлиб қолса “қуёш тутилиши”, агар улар қарама-қарши томонларда пайдо бўлиб қолса, “ой тутилиши” ҳодисаси рўй беради. Худди шунингдек, тун ва кун ҳам бир-бирига “халал бермай” алмашиниб туради. Улар ҳам бир-биридан ўзиб кета олмайди, илоҳий низомдан четга чиқа олмайди. Айрим муфассирлар бу манзарани эзгулик ва ёвузлик, ҳақ ва ботилнинг ҳақиқий тимсолига ўхшатишади. Буларнинг бари Аллоҳнинг Биру Борлигининг, Унинг ҳамма нарсага қодирлигининг, жумладан, ўликларни қайта тирилтира олишининг аломати-белгисидир. Барча инсонлар булардан хулоса чиқариб, Аллоҳга имон келтиришлари, ўлгандан кейин қайта тириладиган Кунга тайёргарлик кўришлари керак.
41. Биз уларнинг зурриётларини тўла кемада кўтарганимиз ҳам уларга бир аломатдир.
Аллоҳ таоло борлиқдаги Ўзи яратган айрим мўьжизаларга инсонлар эътиборини қаратганидан сўнг энди уларнинг диққатини сув устидаги аломатларига йўналтирмоқда. Ушбу оятда инсониятнинг Аллоҳнинг лутфу инояти билан Нуҳ алайҳиссалом кемасида тўфон балосидан нажот топгани эслатилмоқда. Ўшанда итоатсиз қавм устига Аллоҳнинг муқаррар жазоси келиб, бутун дунёни сув босган, тўфон балоси билан Аллоҳга осийлик қилган бутун оламни ҳалок этиш ирода қилинган эди. Шундай бўлди ҳам. Ер юзини тўлдириб юрган инсонлар ҳам, бошқа жонзотлар ҳам ёппасига ҳалок бўлди. Фақат Аллоҳ таолонинг амри билан Нуҳ алайҳиссалом ясаган кемага чиққан мўминлар ва жониворлардан бир жуфтдан қилиб олинганлари омонда қолди, нажот топди. Ўшалардан инсон насли ва бошқа жониворлар яна қайтадан тарқалди. Демак, инсоният деярли бир бор йўқолиб, яна янгидан Ер юзига таралди. Ана шундай оламшумул ишларга қодир бўлган Зотўликларни қайта тирилтира олмасмидими?!
42. Яна улар учун шунга ўхшаш миниладиган нарсаларни ҳам яратдик.
Яъни, «Биз одамларни Нуҳ алайҳиссалом ясаган кемада тўфон балосидан қутқариб қолиш билангина чекланмадик, балки улар учун келгусида кема каби миниладиган бошқа нарсаларни ҳам яратдик. Қуръони карим илк нозил бўлган пайтда инсонлар улов деганда фақат от, туя, қўтос, хачир каби ҳайвонларни, сувда сузадиган қайиқ ва кемаларнигина билишарди. Умумий тарзда “шунга ўхшаш нарсалар” деб аталган уловларнинг сири инсониятга кейинчалик маълум бўлди: инсонлар Аллоҳ таолонинг лутфи-инояти билан поезд, автомобиль, самолёт каби улов турларини ҳам кашф этишди. Бу нарсаларга улов бўла оладиган салоҳиятли хусусиятларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи берди. Агар Парвардигорнинг лутфи бўлмаса, бу жонсиз самолётлар ҳавода учолмаган, оғир кемалар сувда чўкиб кетган бўларди. Шунингўзи ҳам одамлар учун Аллоҳнинг Биру Борлигининг, Ўнинг ҳамма нарсага қодирлигининг, жумладан ўлганларни қайта тирилтира олишининг аломат-белгилардир.
43. Агар хоҳласак, уларни ғарқ қиламиз. Шунда уларнинг халоскори ҳам бўлмайди ва улар қутқарилишмайди ҳам.
Бир тасаввур қилиб кўринг: осуда денгизда кема бир маромда сузиб боряпти. Унинг ичи тўла одам, бундан ташқари унга қанчалаб юк ҳам жойланган. Шунчалар оғир кема нега чўкмай сузиб кетяпти? Чунки Аллоҳ унинг чўкмаслигини ирода қилган. Энди бошқа бир ҳолатни кўз олдингизга келтиринг: денгизда кучли бўрон кўтарилди, тўлқинлар ўркач-ўркач бўлиб осмонга сапчи-япти. Салобат билан сузиб кетаётган, роса пишиқ қилиб қурилган бояги кемамиз қайнаган қозон тўла сувга тушган писта пўчоғи каби бошқарувини ҳам йўқотган. Унинг ҳалокатга юз тутиши аниқ. Мана шундай ҳалокатли қисматдан фақат меҳрибон Аллоҳгина қутқара олади. Минглаб одамларни ташийдиган, илм-технологиянинг энг охирги ютуқлари асосида қурилган кемаларнинг кўзга кўринмайдиган арзимас сабаблар билан ҳалокатга учраши мумкинлигини денгизчилар жуда яхши тушунишади. Бундай пайтларда кемадагиларга Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот ёрдамга кела олмайди, аниқ ҳалокатдан қутқара олмайди.
44. Биздан бир раҳмат ва маълум муддатгача баҳрамандлик мустасно.
Аллоҳнинг ар-Раҳим исми фақат Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтирган, Унинг буйруғини мукаммал бажарган ва нима учун яратилган бўлса ўша узра ҳаёт кечирганнигина ўз ичига олади. Аллоҳ таоло дунёдаги барча халойиққа ар-Раҳмондир, охиратда эса фақат мўминларга ар-Раҳимдир. Ар-Раҳмон исми билан азоб, зилзила, сув тошқини бўлади, мусибатлар ар-Раҳмон исми билан илоҳий муолажадир. Лекин дунё тугагач охират диёрига кирганимизда тўғри йўлда юрган мўмин бандалари учун Аллоҳ Раҳим Зотдир. Хос раҳматга сазовор бўлиш учун Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилиш керак. Мўмин киши моли ва вақтини сарфлаб фарзандларини тарбиялайди, мусулмонларга насиҳатда бўлади, уларнинг хизматларида бўлади. У бундай ишни нима учун амалга оширади? Бу иши билан Аллоҳнинг раҳматини ва туҳфасини умид қилади. Ўшанда фақат Аллоҳнинг Узи раҳмат назарини солиб, қутқариб қолиши мумкин. Ёки маълум муддатгача дунёнинг матоҳидан баҳраманд қилиш учун омон қолдириши мумкин. Бўлмаса, ҳеч ким омонда қолмайди. Бунинг мисоли ҳаётда тез-тез такрорланиб ҳам туради. Инсонлар шуни ўйлаб, ибрат олиб, Аллоҳга имон келтирсалар, ўлгандан кейин қайта тириладиган Кунга тайёргарлик кўрсалар бўлмайдими? Нима учун шунча оят-белгилар турса ҳам улар ғафлатда юрадилар? Аллоҳга куфр келтирадилар? Улгандан кейин қайта тирилишни инкор этадилар?
45. Қачонки уларга: «Олдингиздаги ва ортларингиздаги нарсадан қўрқинглар, шояд раҳм қилинсангиз», дейилганда;
Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоатсизлик қиладиган, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор этадиган, ўлгандан кейин қайта тирилишларига шубҳа-ишончсизлик билан қарайдиган кимсаларга “олдингиздаги охиратдан ва ортингизда қолиб кетган дунёдан қўрқинг” дейилганида улар бу хитобга бепарволик қилишди, Ягона, ҳамма нарсага қодир Парвардигорларига имон келтиришмади. Дунё ва охират инсонларни имтиҳон қиладиган тушунчалардир. Ким дунёси деб охиратни унутса, икки дунё саодатидан маҳрум, абадий қийноққа маҳкум бўлади. Ким фақат охиратини ўйлаб, дунёсини тамоман унутса, у ҳам тўғри иш қилмаган бўлади. Ислом халифаси АбуБакр Сиддиқрозияллоҳу анҳу шундай дейдилар: «Эй инсонлар! Қай замон тугаши сизга номаълум бир умр ичида кун ва тунларингизниўтказмоқдасиз. Агар қўлингиздан келса, бу ҳаётингизни солиҳ амаллар билан ўтказинг... Дунё ила охират икки оиласи бор кишига ўхшайди: инсон бирини рози қилар экан, иккинчисини ранжитади. Дунё - мўминларнинг бозори, кеча ва кундуз -сармоялари, гўзал амаллар - тижорат моллари, жаҳаннам эса зарарларидир». Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг насиҳатларига эътибор қилинг: «Дунёда экинлар экиб-ўрган, баланд кошоналар қурган, узоқ вақт завқу сафо сурган дунёнинг ўғиллари, дўстлари бугун қаерда? Дунё уларни ютиб юбормадими? Буюк Аллоҳ дунёга нақадар аҳамият бермаганидек, сиз ҳам унга шундай берилманг! Охират учун ҳаракат қилинг! Сиз ўткинчи бир ҳаёт уйидасиз ва азиз умрингизнинг қолган қисми ҳам ўтишини кутмоқдасиз. Унутмангки, бу дунё ёлғон ва алдов устига бино бўлган».
46. ва уларга Парвардигорларининг оятларидан бирор оят келганда албатта ундан юз ўгирувчи бўлишади.
Аллоҳ таолонинг оятлари беҳисоб, улар борлиқдаги мўъжизалардан хабар беради, инсонлар қалбига жаннат башоратини етказади, дўзах азобидан қўрқув солади, пайғамбарлар орқали бандаларга ҳидоят йўлини, тўғри ҳаёт кечиришни кўрсатиб беради. Аммо шундайин кимсалар борки, улар кўзига кучли нур тушганида кўзи қамашиб, юзини четга бургани каби Аллоҳнинг ваҳийларидан юз ўгиришади. “Оят” сўзи кўп ўринларда ваҳийни англатгани учун бу жумлани “Аллоҳнинг ваҳийлари келганида уларни инкор қилганлар” деб тафсир қилиш мумкин. Аллоҳнинг ваҳийларидан юз ўгирганлар эса ҳалокатга юз тутишади, икки дунё саодатини қўлдан бой беришади, имонсизликлари туфайли абадий жазога гирифтор бўлишади.
47. Уларга: «Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилинглар» дейилса, куфр келтирганлар имон келтирганларга: «Аллоҳ хоҳласа Ўзи таом берадиганларни бизлар таомлантирамизми?! Сизлар очиқ-ойдин залолатдасиз», дейишади.
Ризқни ҳаммага - кофирга ҳам, мўминга ҳам, яхшигаю ёмонга ҳам, каттагаю кичикка ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Ризқ топишга имконият ва қобилият беради, ризқ йўлларини очиб қўяди. Мусулмон банда ўзига Аллоҳ таоло берган ризқдан Унинг йўлида эҳсон-нафақа қилиб туради. Кофирлар эса бахиллик қилиб, Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилишдан бош тортишади. Агар уларга “Сизлар ҳам ўзларингизга ато этилган нарсалардан эҳсон қилиб туринглар” дейилса, “Аллоҳ хоҳлаганларига таом берса ҳам бизлар уларга эҳсон қиламизми?” деб шаккоклик қилишади. Ҳатто насиҳат қилган мўминларни залолатда юрганликда айблашади.
Мол-дунё жуда катта офатдир, қийин имтиҳондир. Агар мол-дунё ҳалол йўллар орқали мўминнинг қўлига тушса буни Аллоҳнинг бир синови сифатида қабул қилиб, уни ўз жойига сарфлайди, яъни оиласининг нафақасидан ортганини садақа ва эҳсон қилади, молининг закотини беради, муҳтожларга хайриялар учун ажратади, бундан бошқа Аллоҳ буюрган савобли ишларга харжлайди. Аммо имони суст ёки имонсиз кимса бойлик кетидан зир югуради, ҳаром мол тўплайди, бахиллик билан уни сарфлашдан воз кечади ва тўплаб-кўпайтиришга зўр беради. Унинг кўзини ҳирс пардаси қоплаб, ҳеч нарсани: атрофидаги муҳтожларни ҳам кўрмайди, пул кўйида ҳаромдан ва зулмдан ҳам қайтмайди, ўғирликдану пора олиш-беришдан ҳам жирканмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охират роҳати олдида дунёнинг роҳати худди сизлардан бирингиз бармоғини денгизга суққанда бирга илашиб чиққан сув қанча бўлса, шу миқдордадир», дедилар (Муслим ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар, дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир. Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас», дедилар (Термизий ривояти). Умавий халифалардан бири Макка ҳарамида улуғ бир олим билан учрашиб қолди. Халифа: «Бирор ҳожатинг бўлса сўрагин», деди. Шунда олим: «Аллоҳга қасам, Аллоҳнинг уйида туриб Аллоҳдан бошқасидан сўрашдан ҳаё қиламан, Аллоҳдан бошқасидан сўраш ўта маҳол нарса», деди. Халифа жим бўлиб қолди. Кейинроқ ҳарамнинг ташқарисида кўришиб яна: «Бирор эҳтиёжинг бўлса сўрагин», деди. Олим: «Эгасидан сўраган нарсамни эгаси бўлмагандан сўрайманми?» деди. Халифа яна: «Эҳтиёжинг бўлса сўра», деди. Олим: «Дўзахдан қутқариб, мени жаннатга кирит», деди. Халифа: «Бундай шартни бажаришга қодир эмасман», деди. Шунда олим: «Ундай бўлса сенда ҳожатим йўқ», деб жавоб берди.
48. Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон?» дейишади.
Кофир кимсаларнинг одати шу: ўзларига ёқмаган гапни ёки таклифни эшитишса, уни инкор этиш, ёлғонга чиқариш учун дарров баҳона-сабаб излашга тушишади. Улар мўминларнинг қиёмат ҳақидаги, ўша кунда кофир ва мушрикларнинг азобланишлари ҳақидаги огоҳлантиришларини назар-писанд ҳам қилмай, мазаҳлашга ўтишади, истеҳзо билан: «Сизлар бизни қўрқитаётган ўша қиёмат куни қачон бўлади, агар гапларинг рост бўлса, унинг қачон келишини айтинглар”, деб туриб олишади. Шунда кофирларнинг ушбу саволига АллоҳнингЎзи қуйидагича жавоб беради:
49. Ғижиллашиб туришганида уларни тутувчи биргина қичқириқни кутишяпти, холос.
Яъни, эй мўминлар, улар қиёматнинг келиши ҳақидаги ваъдамизнинг қачонлиги ҳақида талашиб-тортишиб турганларида сурнинг биргина наъраси билан қиёмат қойим бўлади. Сур чалиниши оламнинг умри тугагани, қиёмат қойим бўлгани ва инсонларнинг энди боқий оламга кўчишлари ҳақидаги хабардир. Инсонлар ўлимдан шунчалар бехабар ҳолда бўлишадики, кўча-кўй, бозор ва томошахоналарда бир-бирлари билан баҳслашган, тортишган, ғижиллашган ҳолда туришганида қиёмат уларни доғда қолдириб келади. Ана шунда улар ваҳийларимизни инкор қилишнинг оқибати қандай бўлишини билиб олишади. Улар келишини инкор этаётган, масхара қилаётган қиёматни қойим қилиш Аллоҳ учун асло қийин иш эмас. Фақат бир қичқириқ бўлса, кифоя: қиёмат қойим бўлади-қолади.Уни инкор қилаётганлар фақат бир қичқириқдан бошқа нарсани кутаётганлари йўқ. Исрофил алайҳиссалом томонидан сурнинг чалиниши (нафха урилиши) бу дунёнинг умри тугагани ва қиёматнинг келганини билдиради. Осмонлару Ердаги жамики жонзотни жонсиз қилувчи бу биринчи қичқириқдан сўнг фақат Аллоҳ хоҳлаган баъзи муқарраб-яқин фаришталаргина тирик қолишади. Аллоҳ таоло “Барча нарса ҳалок бўлувчидир, фақат Унинг Ўзигина мангудир” (Қасас, 88) оятининг ҳақлигини кўрсатиш учун кейин уларнинг ҳам жонини олади.
50. Улар на васият қилишга, на ўз оилаларига қайтишга қодир бўлишади.
Куфр эгалари қиёматнинг келишини тезлаштиришга уринмай қўяқолишсин: ўшал кун шунчалик қўққисдан келиб қоладики, у келганида кофирлар бирор нарсани қилишга улгурмай қолишади. Улар ортда қолган мол-дунёларини бирор кишига васият қилишга ҳам, ўз аҳли-оилаларига қайтиб, улар билан видолашиб олишга ҳам фурсат топа олмайдилар. Дунё ҳаётида улар учун жуда азиз ва ардоқли бўлган суюкли бола-чақалари, муҳташам қасрлари, чопқир уловлари, топган мол-дунёларини ҳам кўзларига кўринмай қолади. Улар масхара қилган, келишига ишонмаган, бу ҳақда огоҳлантирган пайғамбарларни ёлғончига чиқарган бу кимсаларнинг ўша кунда қай ҳолатга тушишларини энди бир тасаввур қилаверинг. Холид ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, сўнг бизга шундай хитоб қилдилар: “Дунё узилишини эълон қилди. Ковушини орқага бурди. Ундан (дунёдан) фақатгина бир томчи қолди. Бу худди бир одам охирги томчисини ичаётган идишдаги томчи кабидир” (Аҳмад ва Ибн Жарир ривояти).
51. Ва сур чалинганида улар бирданига қабрларидан Парвардигорлари сари шошиб чиқишади.
Бу галгиси фаришта Исрофил алайҳиссаломнинг сурга иккинчи бор пуфлашларидир. Аллоҳ таоло сур соҳиби Исрофил алайҳиссаломни тирилтириб, сурга иккинчи марта нафха уришни (чалишни) буюради. Шундан сўнг барча ўликлар тирилади, улар қатори, ўша кофирлар ҳам қабрларидан шошган ҳолларида суғурилиб чиқиб, Парвардигорлари томон ошиқишади. Араб тилида “тез юриш” “наслон” дейилади (“Тафсири Табарий”). Икки сур чалинишининг ораси қирқдир. Қирқ йилми, ойми ёки кунми, бу номаълум, буларнинг қай бири эканини ёлғиз Аллоҳгина билади. Саҳиҳ ҳадисларда “қирқ”нинг айнан йил, ой ёки кун экани аниқ айтилмаган.
52.Улар: «Шўримиз қурисин! Жойимиздан бизларни ким қўзғатди?! Бу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар тасдиқлаган нарса-ку?!» дейишади.
Дунё ҳаётини куфр ва ширк исканжасида ўтказган бахтсиз кимсалар қиёматнинг қойим бўлиб, бошларига Аллоҳ ваъда қилган кун келганида кўзлари “ярқ” этиб очилади, эс-ҳушлари жойига келади. Исрофил алайҳиссалом сурга иккинчи бор пуфлаганидан кейин қабрларидан шошилиб чиққан кофирлар ҳайрон бўлиб: “Ҳолимизга вой бўлсин, бизларни ётган жойимиздан ким қўзғатди?” деб қолишади. Кейин нима содир бўлганига ақллари етгач, “Ие, Раҳмон сифатли Зот ваъда қилган, Унинг пайғамбарлари ростлигини тасдиқлаган қиёмат келибди-ку, энди ҳолимиз нима бўлади?” деб ваҳимага туша бошлашади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, (сур иккинчи бор чалинишидан кейин) “Осмондан бир сув тушади (ёмғир ёғади). Ҳамма худди ўт-ўлан каби униб чиқади. Инсоннинг ҳамма ери чириб битган бўлади, фақат битта суяк чиримайди: у ажбуз-занабдир. Қиёмат куни бутун яралмиш мана шу суякдан қайта шаклланади” (Бухорий ва Муслим ривояти).
53. Фақат биргина қичқириқ, шунда ҳаммалари бирдан ҳузуримизда ҳозир қилинишади.
Исрофил алайҳиссаломнинг иккинчи нафхасидан (сур чалишидан) сўнг яна бир бор сур чалинади. Бу учинчисидан сўнг қайта тирилтирилган барча махлуқлар тўпланган ҳолларида Парвардигор ҳузурида ҳисоб-китоб қилиниш учун Маҳшаргоҳ сари юра бошлайдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар қиёмат куни яланг оёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда ҳашр қилинадилар», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Аёллар ва эркаклар бир-бирларига назар солишмайдими?» дедим. «Эй Оиша! Иш улар бир-бирларига назар солишларидан кўра қаттиқроқдир!» дедилар» (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).
54. Бугунги кунда бирор жонга зулм қилинмайди. Қилиб ўтган амалларингизга яраша тақдирланасизлар.
Қиёмат куни охират дунёсида барча махлуқотлар учун адолат тарозилари ўрнатилади. У кунда ҳеч бир жонга зулм қилинмайди, бандаларнинг яхши амалларига мукофот ва савоблар кўпайтириб берилади, осийлар гуноҳларига яраша жазо ва азобга тортилади. Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касодга учраган (муфлис) кимлигини биласизларми?» дедилар. «Бизнинг орамизда касодга учраган - дирҳами ҳам, мол-мулки ҳам йўқ одам», дейишди. «Менинг умматимдан касодга учрагани қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келгану, аммо уни сўккан, буни зинода айблаган, унинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир. Бунисига унинг савобларидан берилади, унисига ҳам унинг савобларидан берилади. Агар зиммасидаги нарса тамом бўлмай туриб унинг савоблари тугаб қолса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунингустига юкланади. Сўнгра у дўзахга солинади», дедилар» (Муслим ривояти).
55. Жаннат эгалари бугун ўз машғулотларидан хушнуддирлар.
Жаннатга кирган саодатманд кишилар у ерда битмас-туганмас неъматлар, шод-хуррамликка эришадилар. Жаннатда машғул бўлиш - ўша неъматларга эга бўлишдир. Дунёдаги умрларини имон ва ибодат билан ўтказиб, жаннатга эришган зотлар учун у ерда нимаики завқ, шодлик, хурсандчилик, роҳат берса, охиратда ҳам бари муҳайё этиб қўйилган. Қай бир мўминнинг Аллоҳ таолога итоати, муҳаббати, ихлоси кўп бўлса, унга очиладиган жаннат эшиклари ҳам шунча кўп бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳ йўлида ўз молидан бир жуфт нарсани эҳсон қилса, у жаннатнинг барча эшикларидан чақирилади. Жаннатнинг саккизта эшиги бор: ким намоз аҳли бўлса, “бобус-солат” (намоз эшиги)дан, рўза аҳли “рўза эшиги”дан, садақа аҳли бўлса, “садақа эшиги”дан ичкарига чорланади. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, бу эшикларнинг биттасидан чақирилган киши нажот топади. Жаннат эшикларининг ҳаммасидан чорланадиган одам ҳам борми?” деб сўради. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳа. Сенинг ўшалардан бўлишингни умид қиламан”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу оят ҳақида Қатода шундай деган: “Охиратда ҳурлар билан ҳордиқ чиқариш билан машғулдирлар”.
56. Улар ўз жуфтлари билан соялардаги сўриларда суяниб ўтиришади.
Қуёш қиздириб турган жазирамада бир парча соя гўё кўзга тўтиё бўлиб кетади. Лекин жаннатдаги соя танага роҳат бериши, ором бағишлаши борасида бу дунёдаги соялардан тубдан фарқ қилади. Ана шундай сояли жойлардаги баланд сўриларда юмшоқ болишларга суяниб ўтиришнинг хурсандчилигини ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин. Яна зийнатланган, атрофига парда тутилган сўрида, ипакли кўрпача ва болишларда ўз жуфтлари билан ўтиришнинг роҳати ўзгача бўлади. Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумиддин” китобида шундай ривоят келтиришилади: “Мангу ёш болалардан бири жаннат аҳлининг завжаларидан бўлган оҳу кўзли хурга: “Фалончи келди” деб, жаннатий кишининг дунёда чақирилган исмини айтади. Шунда оҳу кўзли ҳур: “Сен уни аниқ кўрдингми?” деб сўрайди. “Ҳа, аниқ кўрдим, мана, у изимдан келяпти”, дейди бола. Ушанда ҳур қувонганидан шунчалар енгиллашиб кетадики, бир зумда жаннат эшиги остонасида, ўз завжалари истиқболида пайдо бўлади”.
57. Уларга у ерда мевалар ва улар истаган нарсалар бор;
Аллоҳга имон келтирган, Унинг амрларини бажариб, қайтарганларидан четда бўлган мўмин бандалар учун жаннатда турфа неъ-матлар, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган мақом ва даражалар бор. Жаннат аҳли у ердаги турли мевалардан истаганча еб, роҳатланишади. Улар нимани хоҳлашса, ўша заҳоти муҳайё қилинади. Жаннатдаги кўшклар, у ерда даражаларнинг фарқланиши ҳақида ўйлаб кўрган киши бу юксак мақомларга эришиш учун мусобақалашган бўлар эди. Абу Саид Худрий розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Устма-уст, даражама-даража жойлашган кўшк жаннатийларга бамисоли уфқларда мағрибу машриққа сочилиб, бир-бири билан мусобақалашаётган юлдузлардек кўринади. “Эй Аллоҳнинг Расули, уларга пайғамбарлардан бошқаси етолмайдими?” деб сўрашди. “Жоним “қўл”ида бўлган Зотга қасамки, у Аллоҳга имон келтирган ва пайғамбарларни тасдиқлаган кишиларнинг манзилларидир”, дедилар у зот” (Бухорий ва Муслим ривояти).
58. раҳмли Парвардигордан «Салом» ҳам.
Қуръони каримнинг бир нечта сураларида охиратда жаннат аҳлига ҳар томондан салом бўлиши айтилган ва бу билан салом жаннат неъматларидан бири экани таъкидланган. Жаннат аҳлига Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан салом бўлиши эса жаннатнинг энг улкан неъмати ҳисобланади. Жаннатий инсонлар шунчалар бахтлидирларки, шунча ноз-неъмат, роҳат-фароғат, шавқ-завқнинг устига ўзлари учун ниҳоятда раҳмли бўлган Парвардигорлари Аллоҳ томонидан «Салом» ҳам келади. Бу эса имонли бандаларни дунё ҳаётидаги Аллоҳга итоат ва ибодатлари эвазига берилган энг олий даражадаги тақдирлашдир. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Жаннат аҳли ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда туришганида баногоҳ устларида бир нур пайдо бўлади. Шунда Аллоҳ таоло “Ассалому алайкум, эй жаннат аҳли!” дейди. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг ушбу ояти тасдиғидир”.
59. Бугун ажралинглар, эй гуноҳкорлар!
Ушбу ояти карима қиёмат куни кофир ва мушрик кимсаларнинг имон эгалари билан бир сафда туриши мумкин эмаслигини таъкидламоқда. Аллоҳ таоло “Эй кофирлар, эй гуноҳкорлар, қиёмат қойим бўлган бугунги кунда сизлар алоҳида ажралиб туринглар, имонли бандаларимга қўшилманглар!” деб хитоб қилмоқда. Қиёмат куни келганда бундай кимсаларнинг имон аҳли ёнида туришга, бу яқинликдан руҳий мадад ёки фойда олишга асло ҳақлари қолмайди. Чунки қиёмат куни имон ва куфр аҳлининг, ҳақ ва ботилнинг иккига ажраладиган, мўмин ва кофирлар ўртасидаги барча алоқалар узиладиган, ҳар бир банда дунёдаги қилган амалига қараб ўзининг ҳақиқий ўрнини топадиган фурқон (ажрим) кунидир.
60. Сизларга амр қилмаганмидим: «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилманглар, у сизларга очиқ-ойдин душмандир;
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримасида Одам болаларига шайтонга эргашмасликни, унинг одамзотга очиқ-ойдин душман эканини яна бир бор эслатмоқда. Унинг инсонларга “Эй Одам болалари” деб мурожаат қилиш орқали икки фикрни баён қилмоқда: 1. Улар аждодларига, энг катта боболари Одам алайҳиссаломга хиёнат қилишди, ваҳоланки ҳазрати Одам қилган гуноҳига тавба қилиб, Парвардигоридан мағфират сўрагани учун унинг зурриётлари бўлмиш инсон наслига олий мақсадга эришишда тавба эшиклари ланг очилган эди. 2. Меҳрибон Аллоҳ барча замонлардаги инсониятни ҳамиша шайтоннинг макр-ҳийлаларидан огоҳлантириб келган ва уларнинг шайтон ёмонлигидан узоқда бўлишларини мунтазам таъкидлаб келган.
61. ва Менга ибодат қилинглар, мана шу тўғри йўлдир», деб?!
Яъни, Аллоҳ фақат Ўзига ибодат қилишни буюрмоқда ва бу энг тўғри йўл эканини эслатмоқда. «Ибодат» сўзи «тоат», «итоат қилиш» ва «Парвардигорни улуғлаш» маъноларини ўзида жамлаган. Шариатда бажарилгани учун савоб бериладиган ва ниятга боғлиқ бўлган амал «ибодат» дейилади. Аллоҳ таолонинг амр-фармонларини ва Унинг Пайғамбари кўрсатмаларини бажариш, Парвардигор розилигини топиш ва Унга бандаликни адо этиш учун буюрилган намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш, дуо ва зикрлар айтиш, яхшилик ва эҳсонлар қилиш каби тоат-амаллар ибодатдир. Ибодатларнинг энг асосийси, энгулуғи, энг аҳамиятлиси намоздир. Намоз Исро кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларидан (Мадина шаҳрига кўчишларидан) бир ярим йил олдин фарз бўлган. Беш вақт (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) намознинг фарзлиги Қуръон, суннат, ижмоъ билан жорий бўлган. Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарздир, буни инкор қилган киши кофир бўлади. У мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига банда шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп. Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир. Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Шу ибодат ёрдамида руҳий, маънавий ором олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Мени бир амалга йўллаб қўйингки, уни қилсам, жаннатга кирай», деди. У зот: «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан, фарз намозни тўкис адо этасан, фарз қилинган закотни адо этасан ва Рамазон(рўзаси)ни тутасан», дедилар. У: «Жоним “қўл”ида бўлган Зотга қасамки, бундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман», деди. У қайтар экан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни жаннат аҳлидан бўлган одамга қараш хурсанд қилса, мана шунга қарасин», дедилар» (Бухорий ривояти).
62. (Шайтон) сизлардан кўп халқларни адаштирди. Ақл юритувчи бўлмаганмидингиз?
Дунёда энг тўғри йўл тавҳид йўлидир. Яъни, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига бандалик қилиш, У Зотнинг Ўзигагина ибодат ва итоатда бўлиш, Унинг ҳукмларига бўйсуниш ва юборган Пайғамбарига эргашиш ана шу тавҳиднинг асосидир. Лекин лаънати шайтон инсониятнинг жуда кўп авлодларини тўғри йўлдан адаштирди, уларни мушрикликка бошлади, залолатда тутиб, икки дунёнинг бахту саодатидан маҳрум этди. Нима учун шундай бўлгани ҳақида инсонлар ақлларини юритишмади, нега шайтоннинг йўлига осонгина кириб кетишди, унинг макр-ҳийлаларига алданиб, гуноҳлар денгизида ғарқ бўлиб кетишди?
63. Сизларга ваъда қилинган дўзах мана шудир!
Кофир ва мушрик кимсалар Пайғамбар алайҳиссаломнинг даъватларига қулоқ солишмаган, Аллоҳнинг амрларини инкор қилишган, осийлик ва залолат ботқоғига ғарқ бўлишган эди. Улар ҳатто Аллоҳ элчисининг гуноҳлар сабабидан дўзахда мангу азоб бўлиши ҳақидаги огоҳлантиришларига ҳам ишонишмаган эди. Қиёмат келиб, қаршиларида дўзах олови пайдо бўлганида нақадар қаттиқ адашганларини тушуниб етишди. Аммо энди кўзлар кеч очилган, тавба қилишнинг фурсати ва имкони қолмаган, жаннат мукофоти бой берилган эди. Аллоҳ таолонинг амрига итоат этмаган ана шундай кимсаларга дунёда дўзах ваъда қилинган эди. Мана, қаршиларида ўша гуриллаб ёнаётган дўзах турибди, энди уни қандай инкор қилишади, гуноҳларига нимани сабаб қилиб кўрсатишади, дўзах азобидан қутулиш учун қандай баҳоналарни ўйлаб топишади?
64. Куфр келтириб ўтганингиз сабабли бугун унда куйинглар!
Кофир ва худосиз кимсалар ўзларининг дўзахдаги мангу азобга гирифтор бўлганларини билгач, иложсизликдан қотиб қолишади. Уларда гапиришга ҳам, ўзларини ҳимоя қилишга ҳам асло илож йўқ. Ўзларининг тана аъзолари ўзларига қарши гувоҳликка ўтиб турибди. Улар дунё ҳаётида Аллоҳнинг ваҳийларини қатъийлик билан инкор қилганларининг жазосини тортиш муҳлати келганини сезиб, сўздан қолишган, нажот кутиб, ҳар томонга аланглашади. Аммо ҳеч ким уларнинг жонига ора кирмайди, ёрдам қўлини чўзмайди. Дўзахга тушиб, унда абадий куйиш қисматларига тушганини англаб, ҳасрат-надоматдан “оҳ”лар чекиб юборишади.
65. Бугун уларнинг оғизларига муҳр уриб қўямиз. Қилиб ўтган ишлари ҳақида Бизга қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик беради.
Ушбу оятдан бошлаб жиноятчи, кофир, мунофиқ ва гуноҳкор бандаларга қиёмат куни қилинадиган муомала ҳақида сўз кетади.
Қиёмат куни кофир, мушрик, мунофиқ ва бошқа гуноҳкорларга жуда ёмон муомала қилинади. Мушрикларга “Нима учун Аллоҳга шерикларни нисбат бердингиз?” дейилганида “Аллоҳга қасамки, бизлар бундай қилмаганмиз” деб, ўзларини оқламоқчи бўлишади. Шунда уларнинг оғзига муҳр урилади ва ўзлари гапиришдан муҳрум қилингани учун тана аъзолари гувоҳлик бера бошлайди. Уларнинг оғизларига муҳр уриб қўйилгани учун гуноҳларининг сабабини айтишга ҳам қодир бўлишмайди. Бунинг ўрнига дунё ҳаётидаги барча қилмишлари ҳақида Аллоҳнинг амри билан буларни қилган қўллари сўзлаб беради, ўша гуноҳ ишларга бошлаб борган оёқлари гувоҳликка ўтади. Шу тариқа гуноҳкорларнинг жиноятини исботлаш учун талашиб-тортишиш ҳам шарт эмас, бошқа гувоҳ олиб келишга ҳам ҳожат йўқ. Ёлғон гапиришни одат қилиб олган оғизларидан турли сафсаталарни эшитиб ўтиришга ҳам ҳеч ким муҳтож эмас. Ҳар бир кофирнинг бу дунёда нима ишлар қилганини унинг ўз қўли гапиради, оёғи гувоҳлик беради.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда у киши қуйидагиларни айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот кулдилар, тишлари кўриниб кетди. Сўнгра: “Нимадан кулаётганимни билдингларми?” дедилар. Биз: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни банда Парвардигори билан тортишади. У: “Парвардигорим, мени зулмдан сақламаганмисан?” дейди. Шунда У Зот азза ва жалла: “Сақлаганман”, дейди. Банда: “Мен ўзимга қарши фақат ўзимдан бўлган гувоҳнигина қабул қиламан”, дейди. У Зот азза ва жалла: “Бугунги Кунда зиддингга ўз жонинг етарли ҳисобчидир. Кироман котибин (котиб фаришталар) гувоҳликка етарлидир”, дейди. Шунда оғзига муҳр урилади. Аъзоларига: “Гапир”, дейилади. Улар унинг амалларини гапиришади. Сўнгра унга гапириш имкони берилади. У: “Йўқолинглар, ҳалокатга учранглар! Сизлар учун ҳаракат қилган эдим-ку!” дейди» (Муслим, Насоий, Ибн Абу Ҳотимлар ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан, шундай деганлар: «Сўнгра учинчига рўбарў келади ва: “Сен нима дейсан?” дейди. У: “Мен Сенинг бандангман. Сенга, Пайғамбарингга, Китобингга имон келтирдим. Рўза тутдим. Намоз ўқидим. Садақа бердим”, деб иложи борича мақтов сўзларни айтади.Унга: “Зиддингга гувоҳимизни юборайликми?” дейилади. У ичида ўзига қарши ким гувоҳлик бериши мумкинлигини ўйлаб турганида оғзига муҳр урилади. Сўнгра оёғига «Сен гапир», дейилади. Шунда сони, гўшти ва суяги эгасининг нима амал қилганини гапиради. Ана шу мунофиқ кимсадир. Бу иш унинг узри ўзи билан бўлиши учун қилинади. Ана шу Аллоҳнинг ғазабига учрайдиган одамдир» (Муслим ва Абу Довуд ривояти).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда шундай дейилади: «Қиёмат куни мўмин киши ҳисоб-китобга чақирилади. Парвардигори унга амалларини ўзаро икковлари биладиган ҳолда рўпара қилади.У эътироф этиб: «Ҳа, Парвардигорим, қилган эдим, қилган эдим, қилган эдим», дейди. Шунда Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилади ва беркитади. Ер юзидаги бирор махлуқ унинг гуноҳларидан ҳеч нарсани кўрмайди, яхшиликлари эса кўринади. У одамларнинг ҳаммаси кўрса эди, деб орзу қилади. Кофир ва мунофиқ ҳам ҳисоб-китобга чақирилади. Парвардигори унга қилган амалларини рўбарў қилади. У инкор этади ва: “Парвардигорим, иззатингга қасамки, фаришта мен қилмаган ишни менга ёзиб қўйибди”, дейди. Фаришта унга: “Фалон куни, фалон жойда шундай қилмаганмидинг?” дейди. У: “Йўқ! Иззатингга қасамки, Парвардигорим, мен буни қилмаганман”, дейди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло унинг оғзига муҳр уради. Менимча, энг аввал унинг ўнг сони гапиради» дея туриб Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу «Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр уриб кўямиз...» оятини тиловат қилди» (Табарий ривояти).
66. Агар хоҳласак, уларнинг кўзларини кўр қилган бўлардик. Ўшанда улар йўлга шошишадию, қандай қилиб кўра олишсин?
Агар Аллоҳ хоҳласа, Ўзининг ваҳийларини инкор қилиб, осийликка юз бурган кимсаларни кўздан қолдириб, юзларини теп-текис қилиб қўйиши ҳам мумкин эди. Аммо У Ўзининг раҳмати ва меҳрибонлиги туфайли инсонларнинг барча аъзоларини беками-кўст қилиб, гўзал суратда яратди. Аллоҳнинг иродаси билан ўша итоатсизларнинг кўзлари йўқ қилиниб, ўрнини ҳам қолдирилмай, текислаб юборилганида нима бўларди? Улар йўлга чиқмоқчи бўлиб шошишади, бир-бирларига туртиниб-суртиниб, олдинга интилишади. Аммо атрофларидаги ҳеч нарсани кўришмагани учун бир қадам ҳам олдинга юра олишмайди. Бу ҳол уларнинг оғизларига муҳр уриб, шарманда қилиш устига яна бир шармандаликдир. Маҳшаргоҳда барча халойиқ олдида гуноҳлари фош бўлиб, ўзлари тилдан қолгани учун тана аъзолари ўзларига қарши гувоҳлик бериб турган бир пайтда кўзларининг ҳам кўр қилиб, текислаб қўйилиши, ҳеч нарсани кўра олмай, ўзларини ҳар томонга уришлари хор-зорликнинг энг чўққисидир. Аммо уларни хорлаш булар билан ҳам тугамайди.
67. Агар хоҳласак, уларни жойларида қотириб қўйган бўлардик. Шунда улар юришга ҳам, қайтишга ҳам қодир бўла олишмайди.
Аллоҳ таоло кофир ва осий кимсаларнинг турган жойларида маймун, тўнғизга айлантиришга ёки тош каби қотириб қўйишга ҳам қодирдир. Бу ҳам уларни қаттиқ хорлаш бўлади. Улар тош каби қотириб қўйилгани учун олдинга ҳам юра олишмайди, орталарига ҳам қайта олишмайди.
68. Кимнинг умрини узоқ қилсак, хилқатини эгиб қўямиз. Ахир ақл юритишмайдими?!
Аллоҳ таоло айтяптики, агар бир кишининг умрини узоқ қилиб қўйсак, бу унга раҳматимиз жорий бўлганини билдирмайди: узоқ умр берган ҳолда уни ожиз ва нотавон қилиб қўйишимиз ҳам мумкин. Масалан, дунё ҳаётида неъматлардан ҳузурланиб, энг лаззатли таомларни еган, ҳашаматли уйларда яшаб, энг гўзал аёлларни никоҳига олган, энг катта маошни қўлга киритиб, одамлардан анча устун ва фаровон ҳолатда яшаган кимсани раҳматга лойиқ бўлди, деб тушунмаслик керак. Чунки Аллоҳ мол-дунёни яхши кўрган ва яхши кўрмаганларига ҳам бераверади. Бу умумий раҳмат бўлиб, бунга ҳамма ҳам эришаверади. Хос раҳмат эса Аллоҳ таолонинг суйган бандаси қалбига имон нурини жойлашидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг Роббим билан бўладиган бир соатим бор, у пайтда бирор пайғамбарнинг ҳам, муқарраб фариштанинг ҳам менга яқинлиги қолмайди. Мен Роббим ҳузурида ухлайман, У зот мени таомлантириб, мени ичимлик билан сийлайди», деганлар. Парвардигор хоҳласа, Ўзининг оятларини инкор қилган кофирларга ҳам неъматларини, кунлик ризқларини бераверади. Ваҳоланки, Аллоҳ агар хоҳласа, уларни бирор жисмоний нуқсон билан дунёга келтирган бўларди, бир лаҳзада кўзларини кўрмайдиган қилиб, оёқларини юрмайдиган қилиб қўя оларди. Ёки агар истаганида уларнинг бутун хилқатларини ўзгартириб, ҳеч бир ишга ярамайдиган ожиз ёки мажруҳ қилиб қўйган бўларди. Лекин Аллоҳ азза ва жалла бундай қилмади, уларни ҳеч бир нарсадан қисмади, маишатларини заҳарга айлантирмади. Бу Аллоҳнинг уларга шафқат қилгани учун ёки ҳурматлагани учун эмас, балки ўнгланишлари, тавба қилишлари учун имконият ва муҳлат бергани учундир. Токи улар ҳушларига келиб, Аллоҳнинг лутфу марҳаматларини ҳис этишсин, шафқат ва меҳрибонлигини кўришсин.
69. Унга шеър ўргатганимиз йўқ, бу унга тўғри ҳам келмайди. У фақат зикр ва очиқ-ойдин Куръондир.
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз Пайғамбаримиз Муҳаммад алай-ҳиссаломга шеърдан таълим бермаганмиз, бу унинг мақоми учун тўғри ҳам келмайди. Ваҳий билан шеърнинг фарқига бормайдиган мушрикларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни шоир, Қуръони каримни шеър дейишлари ҳеч бир асоси бўлмаган ботил гаплардир. Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шеърни билганларида кофирларнинг у зот ҳақларида “Муҳаммаднинг айтаётган гаплари шеърга ўхшайди, у шоир бўлса керак” қабилида тўқиган турли даъволари ҳақиқатга ўхшаб туюлган бўлар эди. Исломдан аввал арабларда шеър ва шеърхонлик жуда кенг тарқалган бўлиб, кишининг мақом-мартабаси унинг шеърни билиши ва яхши айтишига қараб ҳам белгиланган. Абу Заръа Розий қилган ривоятда Шаъбий: «Абдулмуттолибдан тарқаган болаларнинг ҳаммаси - эркаги ҳам, аёли ҳам шеър айтар эди, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаганлар», деган. Шоирлик пайғамбарлик мақомига сира мос келмайдиган ишдир, шунинг учун ҳам шоирлик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларида умуман йўқ эди. Кофирлар Куръон оятларини инкор қилиш учун у зотни шоирга чиқаришга, Пайғамбар келтираётган илоҳий ваҳийларни шеър деб аташга ҳаракат қилишаверади. Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳий зикрдир, эслатмадир, ибодатларда қироат қилинадиган Қуръондир. Бу илоҳий Китоб бутун оламлар ва одамларга ваъз-насиҳат, ҳамма учун илоҳий дастурдир. Уни Аллоҳ таоло маълум мақсад билан, инсониятнинг нажот топиши ва икки дунё саодатига эришиши учун нозил этгандир.
70. Тирик одамларни огоҳлантириш ва кофирларга Сўзни ҳақ қилиш учундир.
Қуръони карим тирик бўлган мўминларни охиратдаги ҳисоб ва азобдан огоҳлантириш, кофирларга Аллоҳнинг азоб ҳақидаги Сўзи муқаррар бўлиши учун нозил қилингандир. Оятда мўминларни «тирик»лар деб аталяпти, кофирлар эса ўликларга тенглаштирилмоқда. Ҳақиқатда имонга келишга тайёр қалбни тирик, ҳаётда яшашга тайёр деб айтиш мумкин, куфрда қолган қалб эса яшашга тайёр бўлмаган, ўлик қалбдир. Шунинг учун ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “тирик”ларни Қуръон билан огоҳлантирадилар, ўлик қалблиларга эса азоб калимаси ҳақ бўлганини эълон қиладилар. Заҳҳок Аллоҳ таолонинг “Тирик одамларни огоҳлантириш учун” сўзини “Оқил-ақлли кишиларни” деб тафсир қилган. Ҳақиқатан, ақли расо инсонгина Аллоҳнинг ваҳийларига қатъий ишонади, уни ҳаётида дастур қилиб олади, Аллоҳнинг Пайғамбарига имон келтириб, у зотга эргашади. Қуръони карим фожирлар тилидан шундай огоҳлантиради: «Агар ўшанда кулок, солиб, ақлимизни топганимизда ҳозир дўзахийлар орасида бўлмасдик», дейишди” (Мулк, 10). Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу “Кишининг асли унинг ақлидир, насаби динидир ва муруввати унинг хулқидир”, деганлар. Ҳасан Басрийнинг шундай сўзлари бор: “Аллоҳ кимга ақл берган бўлса, бир кун келиб ўша ақл туфайли уни мусибатдан қутқаради”.
71. Ахир улар учун Ўз “қўлимиз” билан чорваларни яратиб қўйганимизни кўришмайдими? Улар ўшаларга эгадирлар-ку!
Умумий тарзда барча чорва ҳайвонлари араб тилида биргина “анъом” сўзи билан ифодаланиб, бунга туя, қорамол, қўй-эчки, қўтос каби ҳайвонлар киради. Агар инсонлар учун ниҳоятда зарур бўлган бу чорваларни Аллоҳ таоло Ўз “қўли”, яъни қудрати илоҳияси билан яратиб бермаганида уларнинг ҳоли не кечган бўларди? Инсонлар Аллоҳ яратиб қўйган ана шу чорва ҳайвонларига эгалик қилиб, улардан ўнлаб, юзлаб ва минглабини ўзларининг мулкларига ҳам айлантириб олишган. Хоҳлашса, уларни бошқасига алмаштиришади, сотиб юборишади ва харид қилишади. Ушбу ҳайвонларни яратишнинг, йўқдан бор қилишнинг ўзиёқ Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, ҳамма нарсага қодирлигига, шу жумладан, илоҳий Китобни ҳам нозил қила олишига ёрқин далилдир. Бежизга оятда ажабланиш маъносидаги “кўришмайдими” деган савол берилаётгани йўқ. Одамлар атрофларидаги Аллоҳнинг ана шу мўъжизаларини, яратиш қудратини кўрсатувчи аломат ва далилларни кўриб, билиб туриб ҳам ибрат олишмагани, булардан хулоса чиқариб, Парвардигорларига дарҳол имон келтиришмагани ҳақиқатан ҳам ўта ажабланарлидир.
72. Уларга ўшаларни бўйсундириб ҳам қўйдик. Уларнинг уловлари ҳам ўшалардан, улардан ейишади ҳам.
Аллоҳ таоло Ўзи яратган чорва ҳайвонларини бўйсундириб, уларнинг амрига юрадиган, уйига қамаб боқишига рози қилиб ҳам қўйган. Агар минглаб ҳайвонлар инсонларга бўйсунмай, саҳро-чўлларда тутқич бермай юрганида, ёввойилашиб, одамларга хизмат қилмай қўйганида улар ҳайвонлардан ҳозиргидай фойдалана олишармиди? “Бўйсундириб қўйиш” дегани ҳайвонлар борасида инсонларга алоҳида мажбуриятлар юкланганини ҳам англатади. Инсонлар чорва ҳайвонларидан фойдаланишар экан, уларга раҳм-шафқат билан муомала қилишлари, уларга озор бермасликлари, уловларига кўп юк ортмасликлари, ҳайвонларни парваришлаб, вақтида еми ва сувини бериб туришлари, касалланса даволашлари керак бўлади. Айни пайтда бу ҳайвонлар инсонларга улов сифатида хизмат қилади, масалан, саҳродаги кишиларга туя қанчалик зарурат бўлса, водийлардаги кишиларга ҳўкиз, от, хачирлар шунчалар беминнат хизматкордир. Яна булардан ташқари одамизот ана шу чорва ҳайвонларининг сути ва гўштини ҳам истеъмол қилиб, танасига куч йиғади. Териси, юнги ва жунидан ўзларига керакли анжом ва либослар тайёрлашади.
73. Улар учун ўшаларда фойдалар ва ичимликлар бор. Ахир шукр қилишмайдими?!
Ҳайвонларнинг инсонларга фойдаси фақат шулар билангина тугамайди. Аллоҳ таоло бандалар учун чорва ҳайвонларини яратиб қўйган экан, улардан турли йўсинда фойдаланиш йўлларини ҳам кўрсатиб қўйган. Масалан, инсонлар туя, от, хачирлардан улов сифатида ҳам фойдаланишади, яна туя, сигир, от, қўй-эчкиларнинг сутини ҳам ичишади, ана шу сутдан қатиқ, қаймоқ, сузма каби турфа хил таом ва маҳсулотларни ҳам тайёрлаб олишади. Демак, чорва ҳайвонларида инсонлар учун катта манфаатлар бор экан, бунинг учун улар Парвардигорларига шукр қилишлари, Унга имон келтириб, амрларига бўйсунишлари зарур бўлади. Дарҳақиқат, ушбу ҳайвонларни бандалар учун Аллоҳ таоло яратмаганида, бошқа ҳеч бир зот яратиб бера олмас эди. Буни яратиш инсоннинг қўлидан мутлақо келмайди. Олам яралганидан буён ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч ерда бирорта чорва ҳайвонини ёки унинг бирорта аъзосини ярата олмаган ҳам. Ахир Аллоҳ таоло уларга бу ҳайвонларни яратиб бермаганида, одамизот озиқ учун гўшт ва ёғни қаердан олар эди? Сут, қатиқ, қаймоқ, жун, ипак, асал каби маҳсулотларни қандай топган бўларди? Яна бошқа фойдаларни-чи? Шундай бўлгач, инсонлар ақлларини ишлатиб, мазкур ҳайвонларни ўзлари учун яратиб берган Зот - Аллоҳ таолога имон келтиришлари ва Унга ибодат қилиб, итоатда яшашлари лозим. Аммо бандаларнинг аксарияти ношукр-чилик қилишди, ўзлари учун бу ҳайвонларни яратган, уларни бўй-сундириб берган Зотга куфр келтириб, осий бўлишди.
74. Шояд ёрдамлари тегса деб Аллоҳдан ўзга “илоҳ”ларни тутишди.
Ақлини йўқотиб, жоҳиллик ва залолатда қолганлар атрофларидаги Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин мўъжиза ва аломатларини кўриб туриб ҳам У Зотга имон келтиришмади. Улар Аллоҳ берган неъматларга ношукрлик қилган ҳолда ягона Парвардигорларига ширк келтириб, Ундан ўзга «илоҳлар»ни муқаддас санашди, уларга сиғиниб, ёрдам ва нажот кутишди. Гўё ўша «илоҳ»лари уларга ёрдам беришар эмиш, Ал-лоҳнинг азобидан қутқариб қолармиш! Бундайлар оддий бир ҳақиқатни эсга олишса ёмон бўлмасди: дунёда бир киши бошқа бир шеригига яхшилик қилиб, ҳамиша ёрдам бериб турсаю аммо у хиёнат қилиб, юз ўгириб кетса, танг ҳолда қолганида унга ёрдам берармиди? Унда нега ўзини йўқдан бор қилиб яратган, “ҳаёт” исмли яшаш неъматини берган, ҳар куни етарли ризқини ато этиб турган, борки имкониятлар ва яхшиликлар билан сийлаган Аллоҳ таолонинг ваҳийларидан юз ўгириб кетган,Унга турли бут-санамларни шерик қилган банда энди қиёматда қайси юз билан Парвардигорининг марҳамати ва меҳрибонлигига кўз тутади? Улар дунёда сохта “илоҳ”ларининг ёрдами тегишидан умидвор ҳолда Аллоҳни инкор қилишган эди, энди ўша ўзлари ожиз илоҳларининг олдига боришмайдими? Қиёматда ўша илохдарнинг ўзи ҳам ёрдамга муҳтож бўлиб туриши ҳақида ўйлаб кўришмайдими?
75. Уларга ёрдам беришга (сохта худолари) қодир бўлмаслар. Улар эса ўша(сохта худо)лари учун ҳозир қилинган аскардирлар.
Мушрикларнинг «илоҳ»лари уларга асло ёрдам беришга қодир эмас, кўмакчи бўла олмайдилар ҳам. Лекин мушрик кимсалар ўша «илоҳ»лари учун жонларини, молларини фидо қилишга тайёр тургандилар. Улар ўша сохта илоҳларига сиғинишади, уларга молларидан турли нарсаларни аташади, бут-санамларини ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсага тайёр туришади. Аммо дунёда ҳам, охиратда ҳам ўша сиғинган нарсаларининг ҳеч қандай ёрдами тегмайди, уларга суянганлари билан сохта илоҳлар вафодорлик кўрсатмайди. Мушриклар охиратда қаттиқ адашганларини тушуниб етишади, ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси, ризқ берувчиси, қудратли ва меҳрибон Аллоҳни қўйиб, ожиз ва нотавон, қўлидан ҳеч қандай ёрдам бериш келмайдиган “илоҳ”лардан умидвор бўлиб юришганига афсус-надоматлар чекишади. Аммо ўшанда бу надоматларнинг асло фойдаси бўлмайди, хатоларини тўғрилаш учун улар дунё ҳаётига қайта юборилмайди ҳам.
76. (Эй Муҳаммад), уларнинг гапи сизни хафа қилмасин. Биз уларнинг яширадиганларини ҳам, ошкор қиладиганларини ҳам биламиз.
Аллоҳ таоло севикли Пайғамбарига тасалли бериб айтяптики, сизни Макка мушрикларининг кесатиқ ва пичинг гаплари хафа қилмасин, ғамга ботирмасин. Чунки Парвардигорингиз уларнинг дилларидаги яширин нарсаларни ҳам, сизга ва мусулмонларга етказаётган азият ва озорларини ҳам билади. Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган пайтларда она шаҳарларида Ислом даъватини олиб бораётган Пайғамбар алайҳиссалом ҳамда мўмин-мусулмонлар учун ғоят оғир, машаққатли давр эди. Ўшанда мушрикларнинг тазйиқлари, азоблари ва турли кирдикорлари авжига чиққан эди. Ана шундай таҳликали пайтларда Муҳаммад алайҳиссаломга ва мўмин-мусулмонларга тасалли берадиган бирдан-бир нарсаўша пайтларда Аллоҳтаоло нозил қилаётган ояти карималар эди. Ушбу оятларда ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ва у зот орқали мўмин-мусулмонларга илоҳий тасалли бермоқда.
77. Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмайдими?! Энди эса у бирдан аниқ хусуматчи бўлиб турибди!
Эй Пайғамбарим, сизнинг даъватларингизга қарши чиқиб, Бизнинг яратиш қудратимизни инкор қилаётган, бунга шубҳа билан қараётган ўша кимса Биз уни бир томчи ҳақир, ҳатто унинг ўзи ҳам жирканадиган сувдан, яъни нутфадан яратганимизни билмай қолдими? Бугун эса у куфрига бориб, бу ҳақиқатни инкор этишгача, бирдан аниқ хусумат қилишгача боряпти. Агар у хусумат қилмаганида Аллоҳнинг Пайғамбарига бундай бемаъни саволларни бермаган бўларди.
Ушбу ояти кариманинг нозил қилинишига сабаб бўлган кимса Макка мушрикларининг катталаридан Убай ибн Халаф эди. Мужоҳид, Икрима,Урва ибн Зубайр, Суддий ва Қатодадан ривоят қилинишича, Убай ибн Халаф (унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин) қўлида чириган суякни тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва хокини ҳавога пуфлаб учирдида: “Эй Муҳам-мад, Аллоҳ мана шуни тирилтиради, деб ўйлаяпсанми?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, шундай демоқдаман, Аллоҳ сени ўлдиради, кейин қайта тирилтиради, сўнгра эса дўзахга киритади”, дедилар. Шундан кейин «Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмайдими?!» деб бошланувчи оятлар нозил бўлди». Ҳа, агар инсон ўз аслини, нимадан яратилганини билганида бунчалар кибр ва ғурурга бормас, Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирмас, ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қила олмас эди.
78. У Бизга мисол келтирди ва ўзининг яратилишини унутди. «Чириган суякларни ким тирилтира оларди?!» деди.
Кибри ва ғурури туфайли ҳаддидан ошган инсон атрофидаги илоҳий мўъжизаларни кўра-била туриб ҳам имонга келмайди, итоатсизлик кўрсатаверади. Агар у озгина фикр юритганида, ўзининг нимадан ва қай ҳолатда яратилгани ҳақида ўйлаб кўрганида Аллоҳ юборган Пайгамбарга сўзсиз бўйсунган, у зотга эргашган, илоҳий ваҳийларни инкор қилишга ботинмаган бўларди. Аммо оддий нутфадан инсонни ярата олган Аллоҳ таолонинг инсоннинг чириган суягидан ҳам уни қайта тирилтира олишини миясига сиғдира олмаётган Убай ибн Халаф каби нодон ва жоҳил кимсалар барча замон ва маконларда учраб туради. Муфассирлар айтишади: “Убай ибн Халаф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир чириган, ранги ўчган суякни келтириб: “Эй Муҳаммад, Аллоҳ мана шуни чириб кетганидан кейин тирилтиради деб ўйлайсанми?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, У сени ҳам тирилтиради ва дўзахга киритади”, дедилар. Шунда Аллоҳтаоло ушбу оятни нозил қилди”.
79. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Уларни дастлаб йўқдан бор қилган Зот тирилтиради ва У барча яратганларини билувчидир;
Инсонларни АллоҳтаолонингЎзи яратганини билиш охират ҳаётининг ҳақлигини, охиратни ҳам яратиш Аллоҳга осон эканини англаш учун етарли далилдир. Борлиқ сирларини ўрганиш, инсоннинг ўзидаги илоҳий мўъжизалардан ибратланиш ҳеч бир нарса йўқлигида ҳаммасини яратган Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик қудратига далолат қилади. Дастлаб йўқдан бор қилган Зотнинг ўлган махлуқларини қайта тирилтиришига асло шубҳа бўлиши мумкин эмас. Оятда бир кофир кимсанинг «Чириган суякларни ким тирилтиради?» деган саволига нима деб жавоб беришни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга АллоҳнингЎзи ўргатмоқда: «Эй Пайғамбарим, «Уларни дастлаб йўқдан бор қилган Зот тирилтиради...» деб айтинг”. Йўқдан бор қилган Аллоҳ учун борни қайта тирилтириш жуда ҳам осондир. Уни қандай амалга оширишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган ҳар бир махлуқининг барча хусусиятларини ҳам яхши билади. Шунинг учун улар-нинг ҳар бирини худди асли ҳолидек қилиб, ҳатто бармоқ учларини ҳам ўз ҳолига қайтариб тирилтиради. У Зот ҳар нарсага қодирдир.
80. сизларга У яшил дарахтдан олов қилиб берган Зотдир. Энди сизлар ундан олов ёқяпсизлар».
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло яшил дарахтдан олов қилиб бергани мисолини бандаларига бежизга эслатмаяпти. У шундай қудратли Зотки, ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқаради, баъзи бир-бирига зид нарсаларда уйғунликни пайдо қилади. Кўпларимиз аҳамият бермайдиган мисол бор: ҳозиргидай гугурт, чақмоқтош каби ўт чиқарувчи нарсалар кашф этилмаган замонларда одамлар икки ёғочни бир-бирига ишқаб, олов чиқаришган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзларига қараганда, мурх ва уфор деган икки дарахтнинг шохларини бир-бирига ишқаганда ўт чиқаркан. Ҳамма яхши биладики, ям-яшил дарахт танасида сув бўлгани учун у оловни ўчириб қўйиши мумкин эди, бунда эса оловни чиқаришга ёрдам беряпти. Ҳамма нарсага қодир Зот оловга ёқилғини ҳам ўша дарахтнинг ўзидан қилиб қўйган. Арабларда “Ҳар бир дарахтда олов яширинган” деган мақол ҳам бор. Бу улкан бир мўъжизага одамлар яхшироқ эътибор беришганида Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, ҳар бир ишга, жумладан, ўли-кларни қайта тирилтиришга ҳам қодир эканига очиқ-ойдин далилни кўрган бўлишарди.
81. Осмонлар ва Ерни яратган Зот уларга ўхшашини яратишга қодир бўлмасмиди? Ҳа, У яратувчидир, билувчидир.
Аллоҳ таоло учун барча мавжудотларни, Еру осмонларни яратиш осонми ёки оддий бир инсонни яратишми? Энди бир тасаввур қилиб кўринг: атрофимиздагибу бепоёнборлиқни,ундаги осмонлару, улкан қуёшни, неча миллиардлаб юлдузлару, ой ва Ер каби сайёраларни яратган Зотучун була}) олдида зарра каби бир митти нарсани яратиш қийин бўлармиди?Уша инсонни АллоҳнингЎзи йўқдан бор қилиб яратганидан кейин яна уни ўлдиришга ва маълум вақтдан сўнг қайта тирилтиришга қодир бўла олмасмиди? У ҳамма нарсага қодир Зот бўлгани учун бундай ишлар Унга асло машаққат туғдирмайди. У ягона яратувчи бўлгани учун, борлиқдаги ҳамма нарсалар каби инсонни ҳам қайта яратиш Унга жуда осондир.
82. Бирор нарсани ирода қилганида Унинг иши «Бўл!» дейиш, холос. Шунда ўша нарса бўлади.
Юқорида айтилганидай, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани осонлик билан, биргина иродаси-истаги билан ярата олади. Ирода қилган нарсаси нималигининг фарқи йўқ. У хоҳ бепоён осмон бўлсин, хоҳ улкан Ер бўлсин, хоҳ ундаги тоғу тошлар ёки поёнсиз уммонлар бўлсин, уни яратиш Аллоҳ учун асло машаққат эмас. Унинг иши фақат биргина “Кун!” («Бўл!») дейиш, холос, ўша нарса бир лаҳзада амалга ошаверади. Унинг ҳамма нарсани яратиши ҳам, ўликларни тирилтириши ҳам «Бўл!» дейиши билан бўлади. Бунга асло шубҳа бўлмаслиги керак. Ким Аллоҳ таолонинг яратиш қудратига заррача шубҳа қилса, хато қилади, гуноҳга ботади, Унга сохта илоҳларни шерик қилган бўлади.
83. Ҳамма нарсанинг эгалиги Ўз “қўли”да бўлган Зот покдир ва Унгагина қайтариласизлар.
Оятдаги “яд” деган арабча сўз тилимизда “қўл” деган маънони билдирса-да, Аллоҳнинг “яди” деганда инсонлар тасаввуридаги қўл тушунилмайди. Ҳамма нарсанинг эгалиги Ўз “қўли”да бўлган Аллоҳ барча айбу нуқсонлардан, шериги бўлишдан мутлақо покдир. Аллоҳ азза ва жалла кофир ҳамда мушриклар «ўлганларни қайта тирилтира олмайди» деб тақаётган нуқсондан ҳам покдир. Аллоҳнинг яратувчилик қудратига шубҳа билан қараётган кимсалар билиб қўйишсинки, улар ишонадими-йўқми, барибир ҳаммалари қиёмат куни қайта тирилтирилиб, Унинг ҳузурига қайтарилишади ва дунё ҳаётидаги барча ишлари юзасидан ҳисобга тортилишади. Ҳамма-ҳамма ўша куни фақат Унгагина қайтиб боради. Шундай бўлгач, инсонлар ўша ҳисоб кунига тайёргарлик кўришлари, ягона Парвардигорларига имон келтириб, Унгагина ибодат қилишлари, Унинг ҳузурига қайтиб боришганида илоҳий жазога тортилиб, ҳамманинг олдида шарманда бўлиб қолмаслик чорасини ахтаришлари керак.
Ушбу суранинг фазли ҳақида кўпгина ҳадислар ривоят қилинган. Уларнинг аксариятида Ёсин сураси Қуръоннинг қалби экани таъкидланган. Шунингучун «Қуръон қалби» деган истилоҳ сурага иккинчи ном бўлиб қолган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Ёсиндир. Мен унинг умматимдан ҳар бир инсоннинг қалбида бўлишини истардим», деганлар (Баззор ривояти); Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ёсинни кечаси Аллоҳнинг розилиги талабида ўқиса, унинг гуноҳларини мағфират қилади», деганлар (Молик ва Ибн Ҳиббон ривояти); Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёсин Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳни ва охират кунини истаб ўқиса, унинг гуноҳлари албатта мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар», деганлар (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад, Ҳокимлар ривояти); яна бир ҳадисда: “Ким Ёсин сурасини ўқиса, Аллоҳ таоло унга Қуръони каримни ўн марта ўқиганлик савобини ато этади”, дейилган (Термизий ривояти). Мазкур ҳадиси шарифларга амал қилиш мақсадида мусулмонлар орасида бу сураи каримани ёдлаш, уни доимо ўқиб юриш одат тусига кирган. Агар бу амалга суранинг маъноларини англаб етиш, тадаббур қилиш ва амал қилиш ҳам қўшилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.