loader

035. Фотир сураси

Маккада нозил бўлган, 45 оятдан иборат

Фотир Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири, бу сўз луғатда «йўқдан бор қилувчи», «илк яратувчи», «ажойиб ижодкор» деган маъноларни англатади. Қуръони каримнинг ўттиз бешинчи сураси шу номни олган, Маккада нозил бўлган, 45 оятдан иборат. Ушбу сураи кариманинг яна бир номи «Малаика» (фаришталар)дир.
Сура Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошланади. Кейин Унинг осмонлар ва Ерни йўқдан бор қилган зот экани, инсонларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Ўзи билан улар ўртасида фаришталарни элчи-воситачи қилиб қўйгани, охират ҳаётининг ҳақ экани, коинотдаги ҳар бир махлуқот Буюк Яратувчи мавжудлигига очиқ ҳужжат бўла олиши ҳақида сўз боради, мушрикларнинг жонсиз бутларга сиғинишлари кескин қораланади. Бошқа маккий суралар каби, бу сурада ҳам Аллоҳ таолонинг биру борлиги, ҳар бир ишга қодирлиги ва фотирлиги ҳақида сўз кетади. Шунингдек, ақиданинг бошқа бош масалалари, пайғамбарликнинг ҳақлиги, ширкнинг ботиллиги баён қилинади. Инсон ва жамиятни турли ботил урф-одат ва разолатлардан поклаш, Ислом ҳукмларини, одоб-ахлоқларини жорий қилиш ҳақида сўз юритилади. Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига, фотирлигига, холиқлигига далил ўлароқ, сурада меваларнинг турли-туманлигига, шунингдек, одамлар, ҳайвонлар ва чорваларнинг хилма-хил бўлишига ишора қилинади. Айни чоғда, тоғу тошларнинг шакллари ҳам ҳар хиллиги айтиб ўтилади. Уларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг биру борлигига, улуғ ва қудратли эканига далил экани баён этилади. Сўнгра уммати Муҳаммадия ҳақида, бу уммат энг шарафли диннинг меросхўри ва илоҳий китобларнинг мағзини қамраб олган сўнгги самовий Китоб соҳиби экани ҳақида сўз юритилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Осмонлару Ернинг илк яратувчиси, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга мақтов бўлсин. У яратганларидан нимани хоҳласа, кўпайтиради. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
Бандалар ушбу борлиқни ва ундаги жамики жонзотларни яратган Аллоҳ таолога ҳамду сано ва олқишларини йўллашга бурчлидирлар. Дунёдаги барча ҳамду сано, шукр фақат ягона Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Чунки У осмонларни йўқдан бор қилган, ушбу коинотда Ер, қуёш, ой каби сайёраларни, беҳисоб юлдузларни яратган. Осмонларни Қуръон хабарига кўра етти қаватли деб тушунсак ҳам, уларнинг саноғини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Мутахассислар биз бир четини кўриб, ўзимизча жуда бепоён деб тасаввур қилиб турган Сомон йўли каби галактикаларнинг сони миллиарддан ортиқ деб тахмин қилишади. Аммо илмнинг чўққисига чиққанини даъво қилаётган бугунги инсон осмонларнинг ҳаммасини эмас, ақалли ўзига энг яқин осмонни ҳам тўлиқ тушуниб ета олгани йўқ. Инсон ўзига энг яқин ҳисобланган биргина галактиканинг чегараси қаерда эканини ҳанузгача билолмай боши қотган. Унинг моҳиятини англаб етолмай, жағини тутган. Шундай бўлгач, битта осмонни эмас, осмонларни йўқдан бор қилиб, инсон идроки етмайдиган даражада улкан ва мустаҳкам, бекаму кўст яратган Зот - Аллоҳ таолога қанча кўп ҳамду сано айтилса, шунча оз. Аллоҳ Ерни ҳам йўқдан бор қилиб яратган Зотдир. Айрим жоҳил инсонлар ўйлаганидай, аввалда мавжуд бўлган нарсани ўзгартириб, бир-бирига чатиштириб ёки қўшиб ҳосил қилинган нарса яратиш ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло инсон ҳалигача моҳиятига тўлиқ ета олмаётган Ерни йўқдан бор қилган Зотдир. Ундаги барча мавжудотларни, жумладан, инсонни ва фаришталарни ҳам яратган Зотдир.
Фаришталар ҳақидаги маълумотлар олдинги суралар тафсирида ҳам келган, ушбу ояти каримада эса уларнинг қанотлари кўп бўлиши зикр қилинмоқда. Такрорлашнинг фойдаси борлиги учун бу ҳақда қисқача маълумот бериб ўтишга тўғри келади. Фаришта араб тилида «малак» дейилади, унинг кўплиги «малоика»дир. Аллоҳ таоло фаришталарни нурдан яратган. Фаришталар борлигига ҳамда уларнинг Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларида баён этилган сифатлари ва вазифаларига ишониш имон шартларидан бўлиб, инсон уларга имон келтирмагунича мўмин бўла олмайди. Фаришталар Аллоҳ таолонинг махлуқи, бандаси, улар куфр ва гуноҳлардан покдир. Улар доимо Аллоҳ таолога тоат-ибодатда бўлишади. Улар эрлик ва аёллик сифатлари билан сифатланмайди. Фаришталар инсонлар каби еб-ичишмайди, ухлашмайди, уларда шаҳват йўқ. Фаришталар Аллоҳ таолонинг изни билан турли шаклларда кўрина олишади. Аллоҳ таоло фаришталарни кўп қанотли қилиб яратган. Уларнинг баъзиларида иккитадан, айримларида учтадан, баъзиларида тўрттадан, айримларида эса бундан ҳам кўп қанот бор. Биз «қанотли махлуқлар» деганда, одатда қушларни тушунамиз. Уларда иккита қанот бўлади. Аммо фаришталар ичида иккитадан кўпроқ қанотлилари ҳам бўлар экан. Лекин фаришталарнинг асл тузилишларини Аллоҳнинг Ўзи билади.
Аллоҳ таоло билан бандалари ўртасида элчилик вазифасини ўтаган Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турли ҳолатларда кўринган. Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳис-саломни асл хилқатларида икки марта кўрганлар. Биринчи марта Ҳиро ғоридан тушиб келаётиб, водийда қанотлари билан осмонни тўсиб турганида кўрганлар. Иккинчи марта Исро кечасида кўрганлар. Ўшанда олти юзта қаноти борлиги, ҳар бир қаноти мағриб билан машриққа етиши айтилган. Бундан фаришталар фақат икки, уч, тўрт қанотли эмас, ундан кўп қанотли ҳам бўлишлари мумкинлиги англашилади. Оятда қанотларнинг сони чегараланаётгани йўқ, балки уларнинг кўп бўлиши айтилмоқда. Зотан, дунёдаги бутун оламлар ва улардаги нарсаларни фақат Аллоҳ таоло яратгандир. Махлуқларини қандай сифатлар билан яратиш, уларнинг жисмларидаги аъзоларни оз ёки кўп қилиш ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ.

2. Аллоҳ одамларга қай бир раҳматни очиб қўйса, уни тутиб қолувчи бўлмайди. Нимани ушлаб қолса, Ундан кейин уни юборувчи бўлмайди. У қудратлидир, ҳикматлидир.
Аллоҳ таолонинг раҳмат хазинаси шунчалар улуғ, раҳматининг чегараси шунчалар чегарасизки, бунга ожиз банданинг ақли ва тасаввури камлик қилади. Аллоҳ раҳматининг кўринишлари беҳисоб, уларни санаб, адоғига сира етиб бўлмайди. Аллоҳ таоло эса ўша раҳматларини одамлар учун кенг очиб қўйган. Аллоҳ бандаларига берган неъматни ҳеч ким тўсиб қола олмайди. Аллоҳ Ўз раҳматидан тўсиб қўйса, унга йўл очиб берувчи ҳам бўлмайди. Шунинг учун банда ҳамиша Унинг раҳматидан умидвор бўлиши, ғазаби ва азобидан хавотир чекиши керак бўлади. Агар Аллоҳ очиб қўйган раҳматларнинг қадрига етилмаса, уларни берган Зотга шукр қилинма-са, иш чаппасига айланиб кетиши мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳнинг юзта раҳмати бўлиб, ундан битта раҳматни жинлар, инсонлар, ҳайвонлар ва ҳашоратлар орасига туширди. Ана ўша битта раҳмат билан улар бир-бирига раҳм қиладилар, шафқатли бўладилар. Ва шу раҳмат билан ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳрибон бўлади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматни олиб қолдики, улар билан қиёмат кунида бандаларига раҳм қилади» (Бухорий ва Муслим ривояти). Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда айтиши учун энгҳақли бўлган нарса: «Аллоҳим, ҳаммамиз ҳам Сенга бандамиз! Сен берган нарсани ман қилувчи йўқ. Сен ман қилган нарсани берувчи йўқ», дейишдир», деганлар.

3. Эй инсонлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини эсланглар! Сизларга осмону Ердан ризқ берадиган Аллоҳдан ўзга яратувчи борми? Ундан ўзга илоҳ йўқ, қаёққа ўгирилиб кетяпсизлар?!
Аллоҳ таоло Ўз бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ер юзидаги турфа наботот, ҳайвонот ва жамодотни уларга бўйсундириб қўйган. Чунки мол-дунё, маскан, таом, кийим, рўзғор анжомлари каби неъматларсиз турмуш кемтик бўлиб қолар эди. Инсоннинг ҳаёт кечириши учун куч-қувват, жисмоний баркамоллик, саломатлик, уйқу, хотиржамлик, тинчлик-осойишталик кабилар ҳам ниҳоятда кераклидир. Банданинг Аллоҳ розилигини топиши учун зарур имон, илм, ибодат, ихлос, ҳидоят ва ахлоқ каби ухровий неъматлар эса ҳаммасидан ҳам қийматли ва муҳимдир. Неъматларнинг энг афзали охират саодати ва Парвардигор висолидир. Аллоҳ таоло неъматларининг ҳаққини адо этиш фақат ўша неъматларни ҳамиша эслаш, булар учун Аллоҳга ҳамд айтиш, Унга шукр билдириш билан бўлади. Берилган неъматларга шукр қилиш фақат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсаларни билиш билан камолига етади. Зеро, шукрнинг маъноси Аллоҳ неъматларини Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган жойларга ишлатишдир. Бунинг акси куфроналик, яъни неъматларни тарк этиш ёки Аллоҳ ёмон кўрадиган ерларда ишлатиш бўлади.
Тана ва аъзоларимизнинг мукаммал яратилгани, ҳар бир аъзоимизнинг бенуқсон ишлаётгани, ақл-идрок, ҳис-туйғуларнинг ато этилгани учун Парвардигоримизга ҳамиша шукр айтишга, мақтов ва олқишлар йўллашга буюрилганмиз. Энди бир тасаввур қилиб кўринг: икки кўзимиз бўлмаса, биз бу ёруғ оламнинг гўзалликларию турфа рангларини, махлуқотлар қиёфасини, борлиқ-табиатда барқ уриб яшнаётган минглаб хил гул-чечакларнинг жозибасини кўра олармидик? Тун ва кунни фарқлай олармидик? Одамларни ажрата олармидик? Ёки бурун ишламай қолса, автомобил ўтхонасидан чиққан бадбўй ис билан мушканбарнинг хушбўй ҳидини фарқлай олармидик? Еяётган таомимизнинг ҳидини ҳидлагачгина унинг нечоғли мазали эканини билишга ақлимиз етармиди? Инсоннинг дам олмай, чарчашдан «нолимай», ўз вазифасини сабот ва содиқлик билан бажарадиган ички аъзоларининг ишлашига не дейсиз? Кечаю-кундуз тўхтамай, бутун тана аъзоларига тинмай иссиқ қон ҳайдаб, ҳаёт бағишлаб турувчи юракни ким шундай яратган? Еган овқатларимизнинг керакли, фойдали қисмини танага сингдириб, ортиқчасини чиқариб ташлайдиган ошқозон-ичакларимизни ким бошқариб туради? Ўрнини ҳеч нарса босолмайдиган ўпка, жигар, буйрак каби тана аъзоларимиз қайси қонунларга буйсуниб, бу қадар итоаткорлик билан фаолият кўрсатади?
Булардан ташқари Ер юзини макон тутган миллиардлаб инсонларнинг ҳам, ҳайвон, қуш ва ҳашаротларнинг ҳам кундалик ризқини Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Ундан бошқа ким ҳам ризқ билан таъминлай оларди? Шунинг учун ҳам инсонлар ўзларига ҳар куни ризқларини осмонлару Ердан турли воситалар орқали бериб етказиб турган Аллоҳ таолога ҳамду сано айтишлари лозим. Шундай бўлгач, одамлар ҳақиқий ризқ берувчи Аллоҳ таолога ибодат қилмай, У Зотнинг амр-фармонларини бажармай қаёққа юз ўгириб кетишмоқда? У Зот томонидан юборилган Пайғамбарига имон келтирмай, У Зотнинг нозил қилган Китобига амал этмай, қаёққа юз ўгириб кетмоқдалар? Нега У Зотнинг охирги ва баркамол дини - Исломга амал қилмай, залолат ва ширк йўлларидан адашиб-улоқиб юрмоқдалар?

4. (Эй Муҳаммад), агар сизни ёлгончига чиқаришса, унда сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам ёлғончига чиқарилишган. Ишлар Аллоҳгагина қайтарилади.
Аллоҳ таоло охирзамон Пайғамбарига тасалли бериб айтяптики, эй суюкли Пайғамбарим, қавмингизнинг даъватингизни қулоққа олмай, сизни ёлғончига чиқаришидан асло хафа бўлманг, ғамга тушманг. Куфр ва ширк эгалари сиздан олдин юборилган пайғамбарларимизни ҳам ёлғончи қилишган.
Тарихдан яхши маълумки, кофир ва мушрик кимсаларнинг Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончига чиқаришлари бугун пайдо бўлган нарса эмас. Улар ҳамиша Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиш, Унинг амрида юрмаслик учун У Зот рисолат билан юборган элчиларни ҳам тан олишмаган, уларни мазах-қалака қилишган, ёлғончига, сеҳргарга, шоирга ёки мажнунга чиқаришган. Жуда ҳаддан ошиб кетганлари пайғамбарларни жисмонан йўқ қилишгача боришган. Бундай муносабатга ажабланиш ёки хафа бўлишнинг ҳожати йўқ. Модомики, Аллоҳни танишмас экан, Унинг берган беҳи-соб неъматларини тан олишмас экан, пайғамбарларни ёлғончига чиқаришлари, уларга ҳар томондан тазйиқ ва таъқиб ўтказишлари мумкин. Лекин бундан кофирлар шунча ишларни қилса ҳам, уларга ҳеч қандай жазо ёки бало келмас экан-да, деган фикрга бормаслик керак, чунки дунёдаги барча ишлар охиратда Аллоҳнинг ҳузурига қайтади, барчалари қилмишлари учун Унинг аламли азобига гирифтор бўлишади. Жумладан, кофирларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқарганлари ҳам Аллоҳга қайтарилади. Ана ўшанда Аллоҳ таоло Ўзи билиб уларнинг жазоларини беради.

5. Эй инсонлар, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Дунё ҳаёти сизларни алдаб қўймасин, алдоқчи сизларни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин.
Аллоҳ таоло башариятга хитоб қилиб айтяптики, эй инсонлар, Аллоҳнинг қиёмат келиб, охират ҳаёти бошланиши, бу дунёдаги барча ишлар, амаллар, қилмишлар охратда албатта ҳисоб-китоб қилиниши ҳақидаги ваъдалари ҳақдир. Шундай бўлгач, сизларни бу фоний, вақтинчалик дунё ҳаёти алдаб қўймасин, ўз домига тортиб, охиратга тайёргарлиқцан узиб қўймасин. Ўта алдоқчи шайтон сизларни турли васавасаларга солиб, дунё ҳаёти билан батамом машғул қилиб қўймасин. Бу дунёнинг ўткинчи матоҳларига алданиб, дунёнинг арзимас нарсаларини охиратдаги мангу роҳат-фароғатга алмашиб қўйманг. Бу оятдаги «алдоқчи»дан мурод шайтондир. Шайтон ҳамиша одамларни ғурурга ва кибрга кетказади, турли йўллар билан алдайди, Аллоҳнинг ҳақ йўлидан чалғитади: «Ҳеч нарсага парво қилма, Аллоҳнинг Ўзи кечирувчи» деб, одамларни гуноҳишларга чорлайди. Аллоҳтаолонингафв этиши ва мағфират қилишини суиистеъмол этиб, АллоҳЎзи кечирар, деб ҳар хил гуноҳларга қўл уравериш нақадар ёмон шайтоний иш эканини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик зарур бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у зотнинг саҳобалари ҳам, улардан кейинги солиҳ аждодлар ҳам инсонларни дунёга мафтун бўлмасликка, дунёни деб охиратни унутмасликка чақиришган. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам дуоларида: «Аллоҳим, ҳақиқий яшаладиган ҳаёт охиратдаги ҳаётдир», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охират роҳати олдида дунёнинг роҳати худди сизлардан бирингиз бармоғини денгизга суққанда бирга илашиб чиққан сув қанча бўлса, шу миқдордадир», дедилар (Муслим ривояти); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар, дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир. Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас», дедилар (Термизий ривояти). Пайғамбар алайҳиссаломнинг энг яқин сафдошлари, Исломнинг илк халифаси Абу Бакр Сиддиқ бундай дейдилар: «Эй инсонлар! Қай замон тугаши сизга номаълум бир умр ичида кун ва тунларингизни ўтказмоқдасиз. Агар қўлингиздан келса, бу ҳаётингизни солиҳ амаллар билан ўтказинг...Дунё ила охират икки оиласи бор кишига ўхшайди: инсон бирини рози қилар экан, иккинчисини ранжитади. Дунё - мўминларнинг бозори, кеча ва кундуз - сармоялари, гўзал амаллар - тижорат моллари, жаҳаннам эса зарарларидир». Усмон ибн Аффоннинг насиҳатларига эътибор қилинг: «Дунёда экинлар экиб-ўрган, баланд кошоналар қурган, узоқ вақт завқу сафо сурган дунёнинг ўғиллари, дўстлари бугун қаерда? Дунё уларни ютиб юбормадими? Аллоҳ жалла жалалаҳу дунёга нақадар аҳамият бермаганидек, сиз ҳам унга шундай берилманг! Охират учун ҳаракат қилинг! Сиз ўткинчи бир ҳаёт уй-идасиз ва умрингизнинг қолган қисми ҳам ўтишини кутмоқдасиз. Унутмангки, бу дунё ёлғон ва алдов устига бино бўлган».

6. Шайтон сизларга душмандир, демак уни душман тутинглар. У ўз фирқасини дўзах эгаси бўлишга чақиради, холос.
Кибри ва итоатсизлиги туфайли Аллоҳнинг даргоҳидан қувилган ва лаънатланган шайтоннинг инсон боласининг азалий душманидир. Бу душманлик унинг Аллоҳ буйруғига итоатсизлик қилиб Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бош тортган кунидан бошланган. Ўшанда у ўзининг илоҳий даргоҳдан қувилишига сабаб бўлган Одам зурриётига қиёматгача душманлик қилиши учун Аллоҳдан изн сўраган ва буни олган ҳам. Бу азалий душманликдир, буни шайтоннинг ўзи очиқ-ойдин айтган. Аллоҳ таоло ҳам шайтоннинг инсонларга душман эканини қайта-қайта уқтирган. Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло: “Шайтон сизларга душмандир” деб, яна бир бор огоҳлантирмоқда. Шайтоннинг инсонга душманлик қилишига ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин таажжубга соладиган нарса шуки, инсон бу ҳақиқатни билиб турса ҳам ўзига мангу душманлик қиладиган шайтонни дўст тутиб юради. Шайтон ўзининг энг катта душмани эканини кўра била туриб, инсон унинг айтганини қилади, унинг алдовига учади, фитнасига кўнади, ёлғонига алданади.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Албатта, шайтон Арабистон ярим оролида намозхонларнинг унга ибодат қилишларидан ноумид бўлди. Лекин уларни фитна ва урушларга гиж-гижлаши қолди» (Муслим ривояти); Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир киши ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари унинг ғайрати ва ҳаракатчанлигини кўриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар мана шу Аллоҳнинг йўлида бўлганидами?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ёш болалари учун ҳаракат қилгани чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар катта ёшдаги ота-онаси учун ҳаракат қилгани чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар ўзи учун ҳаракат қилгани чиққан бўлса, у Аллоҳнинг йўлидадир. Агар риё ва фахрланиш учун чиққан бўлса, у шайтоннинг йўлидадир», дедилар» (Табароний ва Байҳақий ривояти).

7. Куфр келтирганларга қаттиқ азоб бордир. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга эса магфират ва катта мукофот бордир.
Дунёда куфрдан ҳам ортиқ зулм, гуноҳ йўқдир. Куфр келтирганлар ўзларининг итоатсизликлари, кибрлари ва шайтоний нафслари туфайли Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини, Китобини, охират ҳаёти борлигини инкор қилишади ва қилмишлари учун Парвардигорнинг энг қаттиқ азобига гирифтор бўлишади. Бундай инсонлар ўзининг асл табиати тасдиқлайдиган ҳақ йўлни тан олмаса, ички туйғу ҳақиқатини беркитса, ҳақни беркитган бўлишади. Шунингдек, киши Аллоҳни инкор этмаса-да, иймон келтириш зарур бўлган хабар ва фарзларни рад қилса, шаръий муқаддасотларнинг ҳурматини топтаса, шаръий ҳукмларни масхара қилса ҳам кофир бўлади. Кофирнинг жойи дўзахдадир. Аллоҳга имон келтириб, имони тақозоси билан яхши амаллар қилганларга эса бу дунёдаги гуноҳларининг мағфират қилиниши ва охиратда буюк ажр - неъматларга тўла жаннатлар бордир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, имон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлиши, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қўйиши ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар» (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоийлар ривояти).

8. Ахир қилган ёмон амали ўзига чиройли кўрсатилиб, уни яхши деб билган киши(дан яхшилик чиқармиди)? Аллоҳ хоҳлаганини адаштиради, хоҳлаганини ҳидоят қилади. Уларга ҳасрат чекиб, дилингиз ачинмасин. Аллоҳ уларнинг қилмишларини билувчидир.
Олтинхон тўра тафсирида ёзилишича, ушбу ояти карима Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилган Абу Жаҳл ҳақида нозил бўлган. Абу Жаҳл (жаҳолат отаси) номи билан танилган Абул Ҳакам Амр ибн Ҳишом Исломга ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алай-ҳиссаломга ашаддий душманлик қилган маккалик мушрик зодагон эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларнинг бошига кўп кўргиликлар солган, уларга таъқиб ва тазйиқ қилишни кучайтирган бадбахт кимса бўлган. Пайғамбаримиз бир неча ашаддий золим мушриклар қатори уни ҳам дуоибад қилганлар. У милодий 624 йили Бадр жангида ўлдирилган. Лаънати шайтон бундай золим кимсаларни жиловлаб олиб, уларга қилмишларини чиройли кўрсатиб қўяди. Дунёдаги барча зулм ва қабиҳ ишлар шайтонга қул бўлган ана шундай манфур кимсалар томонидан содир бўлади. Шайтоннинг малайига айланган одамга ўзининг ҳар бир ёмон иши чиройли кўринаверади. Унинг қилган гуноҳ иши ўзига зўр кўринган сари у ҳаддидан ошиб бораверади. Хато ва камчиликларини сезмайди, унга хатосини айтиб, камчилигини кўрсатган одамни душман ҳисоблайди. Қилаётган ишлари хато бўлса ҳам уни мақтаган одамлар кўзига дўст бўлиб кўринади. Бора-бора ҳар бир ишида ўзича ягона тўғри йўлни танлайдиган даражага етади. Мағрурланиб, ўзини даҳо сезиб юради. Аслида эса шайтон унинг бўйнига тўла миниб олган, жиловини маҳкам тутган бўлади, шайтон жиловини қаёққа тортса, ўша ёққа кетаверади. Бундай одамни қандай баҳолаш мумкин?! Оятда айтилганидай, бундайлардан истаганини Аллоҳ адаштиради, хоҳлаганларини эса ҳидоятга йўллайди. Эй Пайғамбар, Аллоҳ залолатда қолдирган кимсаларга ичингиз ачишиб, ҳасрат чекиб юрманг, чуни Аллоҳ таоло кимни ҳидоятга йўллашини, кимни адаштиришини Ўзи яхши билади.

9. Аллоҳ шамолларни юбориб, улар булутни қўзғатади. Биз уни ўлик шаҳарга ҳайдаб, у билан “ўлган” ерни тирилтирамиз. Қайта тирилиш ҳам шу кабидир.
Юқоридаги бир неча оятларда васф қилинганидай, Аллоҳ таоло томонида шамоллар юборилиб, булутлар қўзғатилишида, шундан сўнг қақраб, ўлик ҳолатда ётган шаҳар-қишлоқларга барака ёғинлари ёғдирилишида Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикмати яширинган бўлади. Аллоҳ ушбу далили билан илоҳий ёмғир ўлик ерни тирилтиргани каби илоҳий ваҳий ўлик қалбларни тирилтиришига, Аллоҳнинг маърифатига эриштиришига ишора бор. Аллоҳ таолонинг амри билан булутларни кўтариб келган шамоллар ёғин ёғдириб, бутун табиатни жонлантириб юборгани каби Аллоҳ таоло қиёмат куни қабрларида ётган инсонларни шу тариқа тирил-тиради ва ҳашр майдонига тўплайди. Ўлик инсонларнинг мисоли ҳам шунга ўхшайди. Қабрда узоқ ётганидан уларнинг таналари чириб, тупроққа қоришиб кетади. Уларнинг қайта тирилиши мутлақо имконсиз бир ишга ўхшайди. Аммо Аллоҳ белгилаган муҳлат келгач, ўсимликлар ёғиндан сўнг униб чиққанидек, ўлик одамлар ҳам қабрларидан тирилиб чиқадилар.

10. Ким куч-қудрат истаса, барча куч-қудрат Аллоҳдадир. Ёқимли Сўз Унга юксалади, солиҳ амал уни кўтаради. Ёмон-ликлар билан макр қиладиганларга эса қаттиқ азоб бордир, уларнинг макрлари ҳам йўқ бўлади.
Ушбу ояти карима мусулмон инсон ўз ҳаётини ҳақиқий мўмин ҳолда, азиз ва мукаррам бўлиб ўтказиши учун кифоя қилувчи дастуруламалдир. Аввало, азизликни истаган инсон бу мартабани Ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳузуридангина топиши мумкинлиги баён қилинди. Бунингучун эсаУ Зот рози бўладиган амалларга саъй-ҳаракат қилиш лозим. Ана ўша амалларнинг энг яхшиси, ҳеч қандай тўсиқларсиз Аллоҳ таоло ҳузурига етиб борадигани ёқимли Сўз - калимаи тоййиба, яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимасидир. Бу калима шу қадар қудратлики, уни тилга олган кофир мўминга айланади. Бошқа амаллар яхши-ёмонлиги, холис ёки хўжакўрсинга қилингани жиҳатидан қанча тўсиқ-текширувлардан ўтгачгина Аллоҳ таолонинг наздида қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслиги мумкин, аммо ушбу Калима ҳамда Ҳақ таолонинг энг Буюк Зот эканини тасдиқловчи «Аллоху акбар» такбири, шунингдек, Аллоҳ таолонинг ҳар қандай айб-нуқсондан пок Зот эканини тасдиқловчи «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» тасбеҳи мусулмон инсоннинг оғзидан чиқиши билан Аллоҳ таолонинг хузурига юксалади. Демак, инсон аввало Яратганнинг борлиги ва бирлигини тан олиб, бутун ҳаёти давомида У Зотни улуғлаб, поклаб юрса, холис ният билан Аллоҳ учун қилган яхши амалларини Ҳақ таоло Ўз даргоҳига кўтаради, қабул қилади ва уни дунёда ҳам, охиратда ҳам азизу мукаррам қилади. Хўжакўрсинга амал қилиб, Аллоҳни алдамоқчи бўлган найрангбоз риёкорларнинг макр-ҳийлалари эса уларга бирон фойда бермай, йўқ бўлиб кетади. Улар учун охират диёрида қаттиқ азоб бордир.
Ҳаммага маълумки, Юсуф алайҳиссалом Миср подшоҳининг қасрида қул эди. Кейин у зотни қамоққа тиқишди. Аммо у зот Мисрнинг энг азиз кишисига айландилар. У бир гал уловда кетаётиб бир қулни кўриб қолди. Бир пайтлар ўзи ҳам қул бўлгани учун Юсуф алайҳиссалом уни таниб қолди. Кейинчалик, Мисрнинг азиз кишисига айлангач, «Аллоҳ пок Зотдир. Ибодат қилгани сабаб қулни подшоҳга айлантирди, гуноҳ сабаб подшоҳни қулга айлантирди», деди. Подшоҳнинг хотини Юсуф алайҳиссаломга туҳмат қилиб қаматгани учун оқибатда хор зор бўлиб ҳаёт кечирди. Бугунги кунда мусулмонлар устига тушиб турган заифлик ва хорлик ҳамда бошқа умматлардан ортда қолишининг бош сабаби гуноҳ ва маъсиятларни бемалол қилиб, Аллоҳнинг динидан йироқ бўлишдир. Агар улар ҳам Аллоҳнинг динини саҳобалар каби маҳкам тутиб, унга холис амал қилишса, Аллоҳ уларни азиз қилиб, душманлари устидан ғолиб қилган бўлар эди.
Инсонлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азизликни, куч-қудратли бўлишни, ғолиблик, устунлик ва бахт-саодатни излашади. Ҳамма шунга интилади, аммо бу изланиш ва интилиш асло тугамайди. Ҳар ким ўз йўли, ўз услуби билан изланади. Аммо бирор нарсани талаб қилишдан олдин унинг қаерда эканини билиб олган яхши. Ҳар бир инсон излайдиган ўша икки дунё иззати, бахт-саодатининг калитлари қаерда? Бут-санамларнинг оёғи остидами? Тоғлар бағрига яшириб қўйилган хазиналардами? Ёки ҳукмини ўтказа-ётган бир одам боласининг фармони билан бериладими? Инсонлар шуни яхши билиб олишлари керакки, барча азизлик ҳам, куч-қудрат ҳам, бахту саодат ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридадир. Аллоҳ хоҳласа, фақирни бой қилади, бойни камбағалга айлантиради. Соғни бемор қилади, хасталарга шифо ато этади. Бир нимжон кишини кучлига айлантирса, паҳлавонни бир кечада мажруҳ қилиб қўяди. Шунинг учун Аллоҳнинг даргоҳидан бошқа жойда иззат излаганлар бехуда ҳаракат қилган бўлишади. Ким икки дунё азизлигини топмоқчи бўлса, буни фақат Аллоҳ таолонинг ҳузуридан изласин, Унинг амр-фармонларини бажарсин. Фақат Аллоҳнинг йўлидан юрган, Унинг динига амал қилган инсонгина Унинг хузурига кириб боради ва кўзлаган иззат-азизликни топади. Йўлнинг ярмида бошқа томонга ўтиб олса ҳам, адашиб кетади. Аллоҳнинг ҳузурига юзланиш эса ёқимли Сўз, яъни шаҳодат калимаси, “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” калималари, У Зотга айтилган тасбеҳ ва зикрлар билан бўлади.
Ояти каримадаги «солиҳ амал уни кўтаради» деб таржима қилган жумламиз оят матнига кўра бир неча маънони англатади. Биринчиси: солиҳ амални Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтаради; иккинчиси: солиҳ амал ёқимли Сўзни Аллоҳнинг ҳузурига кўтаради; учинчиси: солиҳ амални ёқимли Сўз Аллоҳнинг ҳузурига кўтаради. Бу уч маъно бир-бирини тўлдириб келади. Муфассирлардан Ибн Касирнинг «солиҳ амал ёқимли Сўзни кўтаради» жумласи тафсирида келти-ришича, Алий ибн Абу Толҳа Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: «Ёқимли Сўз» Аллоҳнинг зикридир. Уни Аллоҳга юксалтиради. «Солиҳ амал» фарзларни адо қилишдир. Ким Аллоҳни зикр қилиб, фарзларини адо этса, Аллоҳнинг зикри унинг амалини Аллоҳнинг ҳузурига олиб чиқади. Ким Аллоҳни зикр қилиб, фарзларини адо этмаса, каломи амалига боғлиқ бўлади». Шунингдек, Мужоҳид: «Солиҳ амал ёқимли Сўзни кўтаради», деган. Абул Олия, Икрима, Иброҳим Нахаъий, Заҳҳок, Суддий, Робиъ ибн Анас ва бошқалар ҳам шу гапни айтишган. Ияс ибн Муовия Қозий: «Солиҳ амал бўлмаганида, Сўз кўтарилмас эди», деган. Ҳасан ва Қатодалар эса: «Сўз фақат амал билан қабул қилинади», дейишган.
Ояти карима давомида Аллоҳтаоло марҳамат қиляптики, “ёмонликлар билан макр қиладиганларга эса қаттиқ азоб бордир, уларнинг макрлари ҳам йўқ бўлади”. Макр-ҳийла ишлатиб, турли ёмонликлар қилган одамлар ҳам азизлик ва қудрат талабида бўлишади, ўша макрлари, ҳийлалари ва ёмонликлари билан иззат-икромга эришишни исташади, аммо қаттиқ азобга йўлиқишади. Чунки макр ҳам, ҳийла ва ёмонликлар ҳам Аллоҳнинг ҳузурига асло кўтарилмайди, улар йўқ бўлиб кетади.

11. Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин сизларни жуфтлар қилиб қўйди. Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ва кўз ёриши фақат Унинг илми билан бўлади. Ҳар бир умр кўрувчига умр қўшилиши ёки умри қисқартирилиши Китобда мавжуддир. Албатта бу Аллоҳга осондир.
Аллоҳтаоло бошда биринчи инсон Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратиб, Унга Ўз руҳидан жон ато этган. Кейинчалик инсонларнинг эркак ва аёллари уруғларининг қўшилувидан одам наслининг тарқалишини ирода қилди. Ҳар қандай олим киши ҳам ҳомиланинг қай ҳолатда пайдо бўлиши, унинг қандай ривожланиб, кейин дунёга келиши илмидан тўла хабардор эмас, буларни ягона Яратувчининг Ўзи билади. Нафақат аёл кишиларнинг, балки бутун урғочи жониворларнинг - ҳайвонлар, қушлар, балиқлар ва бошқа сув ҳай-вонларининг ҳомиласини ҳам, туғишини ҳам ёлғиз Аллоҳ билади. Буларнинг ҳаммаси ҳаёт билан боғлиқ жараёнлардир. Улар Аллоҳнинг қудрати, изни ва илми билан содир бўлади. Кимнинг қанча умр кўриши ҳам, ҳаёт йилларига қўшиш ва камайтириш ҳам фақат Аллоҳнинг иродасига боғлиқ. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида инсон аввал тупроқдан яратилгани айтилиб, кейинчалик инсон наслининг яртилиш босқичлари ҳақида сўз юритилади. Инсоннинг асли эркакнинг умуртқаси орасидан сизиб чиқувчи уруғ (нутфа) дир. Ушбу бир томчи сув кейинроқ “алақа”га, яъни ёпишиб оладиган нарсага ўзгаради. Бу зулукка ўхшаш нарсага ҳам ишлатилади. Ҳар икки маънонинг ҳам тўғри экани илмий жиҳатдан асосланган, зеро дастлабки босқичларда эмбрион бачадон деворига ёпишиб, чирмашиб олади ҳамда зулуксимон кўринишга эга бўлади. Унинг феъли ҳам қон сўрувчи зулукка ўхшайди, ўзига керакли қон таъми-нотини йўлдош орқали онасидан олади. “Алақа” сўзининг учинчи маъноси қотган қон, лахта қон деган маънони билдиради. Алақа бу босқичда, яъни ҳомиланинг уч-тўрт ҳафталарида қон томирлари ёпилиши натижасида қон қотиб қолади. Шундай қилиб, эмбрион зулуксимон шаклга ўтиш билан бирга, қотган қонга ҳам ўхшаб қолади. Қуръонда келтириб қўйилган тайёр илмни кўринг-у, қуйида келтириладиган, инсониятнинг қийинчиликлар билан эришган илмий хулосаларини кўринг: 1677 йили Ҳамм ва Ливенҳоик исмли олимлар биринчи бўлиб, инсоннинг сперма ҳужайраси - сперма-тазоидни микроскоп остида кузатишга муваффақ бўлишди. Улар сперма ҳужайраси инсоннинг кичрайтирилган шаклига ўхшаш нарса бўлиб, кейин у янги туғилган чақалоқ кўринишига келгунича бачадонда катта бўлиб боради, деб ҳисоблашарди. Кейинчалик, тухум ҳужайраси уруғ ҳужайраси (сперма) дан каттароқ экани маълум бўлди ва де Граф каби бир қатор олимлар эмбрион кичрайти-рилган кўринишда тухум ҳужайрада мавжуд бўлган ва ундан шаклланган, деган фикрда бўлишган. Вақт ўтиши билан, 18-асрга келиб, Мопертью “ота-она меросхўри” назариясини илгари сурди. Алақа кейинчалик музға ҳолига ўтади, бу сўз “чайналган нарса (тишлангани кўриниб турган)” ҳамда оғизга сиғадиган сақич каби кичик ва ёпишқоқ нарса, деган маъноларни билдиради. Ушбу таърифларнинг ҳар иккиси ҳам илмий жиҳатдан тўғри. Профессор Кеит Муур гипс моддасидан керакли ўлчамда бир бўлак олиб, эмбрионнинг дастлабки босқичдаги кўриниши ҳолига келтиргач,ундан музға ҳосил қилиш учун тишлари орасига қўйиб чайнаб кўради. Сўнг буни эмбрионнинг дастлабки босқичлардаги фотосуратлари билан солиштириб кўради. Ундаги тиш излари, кейинчалик умуртқа поғонаси шаклланишида асос бўладиган “сомит” (сомит) га ўхшаркан. Ушбу музға кейинчалик суякларга айланади. Бу суякларга эса, гўшт ёки мушаклар қопланади. Кейин Аллоҳуни бутунлай бошқа жонзот қилиб яратади.
АҚШдаги етакчи олимлардан ҳисобланган, Томас Жефферсон университети қошидаги Дениэл институти директори ҳамда анатомия бўлими раҳбари профессор Маршалл Жонсондан Қуръондаги эмбриологияга оид оятлар ҳақидаги фикри сўралган эди. У аввало, Қуръондаги эмбриология ҳақидаги бу оятлар тасодиф бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлайди. Унга Қуръон ўн беш аср илгари нозил бўлгани ва микроскоплар Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан бир неча асрлар ўтиб пайдо бўлгани эслатилганида, профессор Жонсон табассум қилган ҳолда биринчи ясалган микроскоплар нарсаларни атиги ўн марта катталаштира олгани, бу эса тиниқ кўриниш бера олмаслигини тан олади. Кейинроқ у: “Менимча, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиган Қуръон илоҳий экани ҳақидаги тушунчанинг ҳеч қандай ғалати жойи йўқ”, деди. Ҳаёт ҳақидаги тушунчалар дунёдаги энг улкан сирлардан биридир, баъзи бир махлуқотларнинг, шу жумладан, инсоннинг жони борлиги жумбоқдир. Инсонлар қанча бош қотиришмасин, қандай изланишлар қилишмасин, буни фақат АллоҳтаолонингЎзи билади. Инсоннинг бу борадаги уринишлари ҳозиргача бирор натижа бер-гани йўқ. Ушбу ҳақиқат борасида инсоф билан фикрлаган ҳар бир инсон Аллоҳга имон келтириши керак.

12. Икки денгиз тенг бўла олмайди: буниси чучук-мазали, ютуми енгил, наригиси эса, шўр, тахирдир. Сизлар ҳар биридан янги гўшт ейсизлар ва тақадиган тақинчоқ чиқариб оласизлар. Ва Унинг фазлидан исташингиз учун уни ёриб кетаётган кемаларни кўрасиз. Шояд, шукр қилсанглар.
Фурқон сурасининг 53-ояти тафсирида зикр қилинганидай, денгиз сувлари ҳам таъми-мазасига кўра бир-биридан фарқланади: бирининг суви чучук-мазали, иккинчисиники эса шўр-тахир бўлади. Маълумки, денгиз қаъри сув бемалол сизиб ўта оладиган қумлоқ ёки тупроқли ердан иборат бўлади. Кўп ҳолларда шўр сувли оқим билан чучук сувли оқим шундоқ ёнма-ён жойлашиб ҳам қолади. Лекин Аллоҳ таолонинг қудрати билан улардан бирининг шўри иккинчисига уриб кетмайди. Баъзи кишилар Қуръони карим оятларининг фақат зоҳирий маъноларига берилиб кетиб, шўр сувли денгиз остидан чучук сувли дарё оқиши, уларнинг суви аралашиб кетмай, Аллоҳ таоло улар ўртасига тўсиқ-тўғон, кўринмас парда ташлаб қўйгани ҳақидаги илоҳий ҳикматни илғай олишмайди.
Франциялик машҳур олим, сув ости дунёсидаги тадқиқотлари билан оламга танилган Жак Ив Кусто (капитан Кусто) шундай ёзади: “Баъзи тадқиқотчилар ўзаро фарқли денгиз оқимларини бир-биридан айириб турадиган тўсиқлар мавжуд, деган ғояни илгари суришган, биз шу қарашлар устида иш олиб бораётган эдик. Пировардида аён бўлдики, Оқ (Ўрта Ер) денгизнинг ўзига хос иссиқлиги, шўрлиги ва зичлиги бор экан. Сўнгра Атлантика океанидаги сув қутласини (массасини) текширдик ва Оқ денгизникидан батамом фарқли эканини кўрдик. Ҳолбуки, бу икки сув қутласи Жабали Ториқ (“Гибралтар” ҳам дейишади) бўғозида бирлашади ва бу қўшилув минг йиллардан буён давом этиб келмоқда. Шунга кўра, икки денгиз суви бир-бирига аралашиб кетиши лозим эди, аммо шўрлиқца, зичлиқца таркибидаги модда миқдорларида тенглик (ёки шунга яқин бир ҳолат) юзага келмаганини, яъни оқимлар бир-бирига қўшилиб кетмаганини ва ҳар икки денгизнинг битта бўлиб кетган жойларида ҳам сувларнинг сифати, таркиби бошқа-бошқа эканини ҳайрат билан кузатдик. Текшириш давомида бизни лол қолдирган яна бир ҳолатга дуч келдик: бу икки денгизнинг бирлашув нуқтасида қандайдир ғаройиб бир сув тўсиғи бўлиб, уларнинг қўшилиб кетишига ўша монеълик қилаётган эди. Худди шундай «сув тўсиғи» 1962 йили немис олимлари томонидан Адан кўрфази билан Қизил денгиз бирлашган Мандак бўғозида ҳам топилган эди. Кейинги тадқиқотларимизда фарқли васфдаги барча денгизларнинг бирлашма нуқталарида айни сув тўсиғи мавжуд эканининг гувоҳи бўлдик».
Бу гапларга шуни қўшимча қилиш жоизки, денгизлардаги сув тўсиғи билан боғлиқ кузатувларининг натижасини эълон этган капитан Кустога кўп ўтмай, унинг яқин дўсти, Исломни қабул қилган доктор Морис Букай бу кашфиётнинг янгилик эмаслигини, чунки бу ҳолат Қуръони каримда очиқ-ойдин айтиб қўйилганини маълум қилади. Бу сўзлар Кустони тамоман довдиратиб қўяди ва у Қуръондан ўша оятларни ҳайрат билан эшитади. Сўнгра бундай деб юборади: «Замонавий илм эришган кашфиётларни ўн тўрт аср аввал айтиб қўйган Қуръон, гувоҳлик бераманки, Аллоҳнинг каломидир!». Хўш, бир денгиз қаърида сувни икки хил: чучук ва шўр қилиб қўйган ким? Сувнинг ўзини йўқдан бор этган ким? Денгизларни барпо қилиб, уларни сувга тўлдирган ким? Уларни ҳозирги ҳолатида тутиб турган ким? Чучук сувли дарёнинг суви тинмай қуюлиб турса ҳам денгизларнинг суви чучук бўлиб қолмаслигини ёки денгиз шўрининг дарё сувига ўтиб қолмаслигини ким таъминлайди? Мана шу саволлар ҳақида озгина фикр юритган мулоҳаза қилиб кўрган одам буларнинг барига фақат Аллоҳ таоло қодир эканини англаб етади ва Унга имон келтириб, ҳамду санолар айтади.
Аллоҳ таолонинг инсонларга берган неъматлари фақат шулардангина иборат эмас. Аллоҳ азза ва жалла бандаларига ўта меҳри-бонлигидан дарёлар ва денгиз-уммонларда уларга ризқ сифатида беҳисоб балиқ ва бошқа денгиз жониворларини ҳам яратиб қўйган. Инсонлар уларни осонгина тутиб, ҳар куни янги гўшттановул қиладилар. Яна уммон-денгизлар баҳридан ўзларига зийнат учун турли дурмарварид каби тақинчоқларни ҳам чиқариб олишади. Яна денгиз ва уммонлар бағрида инсонларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиб, ўзларини ва юкларини ташийдиган катта-кичик кемаларнинг сузиб юрганини ҳам кўриш мумкин. Бу неъматларнинг бари Аллоҳ таолонинг яратиш қудратига, Унинг бандаларига яратиб қўйган қулайлик ва имкониятларига далолат қилади. Инсонлар Аллоҳнинг бу неъматларига ҳамиша шукр қилишлари лозим. Имони бўлмаган инсон эса, Аллоҳни танимагани учун Унга шукр келтиришга ҳам, У Зот берган неъматлар ҳақида фикр юритишга ҳам қодир эмас.

13. У кечани кундузга, кундузни кечага киритади, қуёш ва ойни бўйсундириб қўйгандир: ҳар бири белгиланган муддатгача юради. Ана шу сизларнинг Парвардигорингиз Аллоҳдир. Подшоҳлик Уникидир, Уни қўйиб, илтижо қилаётганларингиз эса хурмо данаги пўстига ҳам эга эмас.
Аллоҳтаоло шунчалар буюк қудрат эгасидирки,У қатъий низоми асосида кеча ва кундузнинг ўринларини алмаштириб туради, қуёш ва ойни ҳам махлуқотга хизмат қилиши учун бўйсундириб қўйган. Осмон жисмларининг ҳар бири Парвардигор белгилаб қўйган низом асосида ҳаракатланади, бирининг ўрнига бошқаси келиб қолмайди ёки улкан осмон жисмлари самода бир-бири билан тўқнашиб ҳам кетмайди. Ана шундай қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган улуғ яратувчи ва тарбияткунанда сизларнинг Парвардигорингиз Аллоҳдир. Ҳукм ва подшоҳлик ҳам фақат Уникидир. Мушрикларнинг Аллоҳни қўйиб, илтижо қилаётган “илоҳ”лари аслида хурмо данагининг пўсти каби қадрсиз ва ночор нарсалардир. Демак, инсонлар сохта илоҳларни қўйиб, фақат Аллоҳга сиғинишлари, ҳожатларини фақат Ундан сўрашлари, У Зотга ҳеч бир маъбудни шерик қилмасликлари лозим. Ояти каримадаги “қитмир” сўзи хурмон данагини ўраб турадиган ўта юпқа оқ пўстлоқни англатади. Араблар ҳеч нарсага арзимайдиган ва қадрсиз нарсани хурмо данагининг ана шу пўсти - қитмирга ўхшатишади. Қуръони каримда ҳам Аллоҳ таоло оятларни илк қабул қилиб олаётган шу халқнинг зеҳнига осон ўрнаштириш учун мазкур ўхшатишдан фойдаланиб, мушриклар ўзларича ибодат этиб юрган сохта худолари ўша хақир пўстлоқча нарса ҳам эмаслигини таъкидламоқда. Улар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслар, уларнинг ҳукми ҳеч жойда ўтмайди, дейилмоқда.

14. Агар сизлар уларни чорласангиз, даъватингизни ҳам эшитишмайди. Мабодо эшитишса ҳам сизларга жавоб қила олишмайди. Қиёмат куни эса сизларнинг шерик қилиб олганларингизни инкор этишади. (Эй Муҳаммад), ҳеч ким сизга Ха-бардор Зот каби хабар беролмайди.
Мушрик кимсалар сиғиниб юрган нарсалар бирор қийматга арзимайди, уларнинг тариқча ҳам қадри йўқ. Улар шунчалик ожиз ва ночорки, мушрик одамларнинг сўзини эшитишга ҳам қодир эмас, бордию эшитиб қолса ҳам жавоб қайтара олмайди. Қандай қилиб эшитиб, жавоб қайтарсинки, улар тошдан, лойдан, ёғочдан ясалган бут-ҳайкаллар бўлса, уларнинг жони, ақли, эшитиш ва сўзлаш қобилияти бўлмаса! Улардан бирор наффойда ёки нажот кутиш ақлсизликнинг ўзгинасидир. Қиёматда эса улар шафоатчилик ҳам қила олишмайди, аксинча, ўзларига сиғиниб юрган одамлардан безорликларини изҳор қилиб, улардан юз ўгириб кетишади ва бу қилмишлари билан фақат зарар етказишади. Қиёмат куни Аллоҳ «Анавиларга «Бизга ибодат қилинглар!» деб сизлар айтганмисизлар?» деган маънода сўраганида улар: «Йўқ! Парвардигоримиз, биз уларни ўзимизга ибодат қилишга буюрмаганмиз», дейишади. Одамлар озгина фикр юритишганда, ақлларини ишга солишганида сохта “илоҳ”ларга сиғинишнинг нақадар улкан кулфат эканини англаб етишган, бу хатарли йўлдан қайтишган бўлишарди. Эй Пайғамбарим, бу ҳолатларнинг васфи ҳамма ишлардан воқиф, ҳамма нарсани билиб турувчи Парвардигорингизнинг билдираётган хабардир. Бунга ҳеч қандай шубҳа, эътироз, раддия бўлиши мумкин эмас.

15. Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз, Аллоҳ эса беҳожатдир, мақталгандир.
Аллоҳ таоло инсонларга хитоб қилиб айтяптики, сизлар Менга ҳамиша муҳтождирсизлар, Менинг эса сизларга асло эҳтиёжим йўқ! Кофирми ё мўминми, мушрикми ё мажусийми, ҳар бир инсон Аллоҳга ҳамиша муҳтождир. Фақат дунёга маҳлиё бўлиб, охиратини унутган кимсаларгина Аллоҳга доимо эҳтиёжлари борлигини ҳис этишмайди, буни инкор қилишади. Инсон ҳар бир нарсада - дунёга келишида ҳам, яшаб қолишида ҳам, ҳаёт кечиришида ҳам Аллоҳга муҳтождир. Агар Аллоҳ инсоннинг нафас олиш ёки чиқариш эҳтиёжини қондирмаса, одам ўша заҳоти ҳалок бўлади. Таом ейиш, ичимлик ичиш ва уларнинг ортиқчасини чиқаришга ҳам шундай муҳтожлик бор. Икки дунё саодатини қўлга киритиш инсоннинг энг катта эҳтиёжларидандир. Мана шу эҳтиёж юзасидан Пайғамбар юборилди, илоҳий дастур - Қуръон нозил қилинди. Илоҳий кўрсатмаларга амал этиб, ибодат қилиб яшаган инсоннинг бу эҳтиёжи ҳам қондирилади. Аллоҳ нозил қилган кўрсатмаларни фақатгина мўмин киши мустаҳкам ушлайди. Мўмин Аллоҳни Парвардигор, Исломни дин, Куръонни раҳнамо, Муҳаммад алайҳиссаломни эса ҳақ Пайғамбар деб имон келтиради. Мўмин айни чоқда буюрувчи Аллоҳга ҳам, буюрилган ишга ҳам қатъиян ишонади. Натижада у амр қилинган ишга ихлос ва самимият, бор вужуди билан киришади. Чунки унинг ақидасида Аллоҳ албатта бекорга бирор-бир нарсани қилишга буюриб, бошқасидан қайтармайди, деган ишонч бўлади. Банда Аллоҳ буюрган нарсага жиддий киришса, Аллоҳ ҳам унга ўз ёрдамини кўрсатади. Балки ҳар қандай қийинчиликдан нажот бериб, ҳар қандай тангликдан кенгликка чиқаради. Бу ишларда “дунё ва охират иши” деган чегара йўқ. Инсонлар айнан ушбу ҳақиқатни англаб етмаганларидан ўзларининг Аллоҳга банда эканларини унутиб қўйишади. Шуни яхши англаб олишимиз керакки, ҳар кимнинг амали, ибодати ўзи учундир, Аллоҳнинг инсонгаа ҳам, унинг ибодатига ҳам эҳтиёжи йўқдир. Чунки У махлуқотидан беҳожат, мақталган ва мақтовга сазовор Зотдир.

16. Агар У хоҳласа, сизларни кетказиб, янги бир халқни келтиради.
Эй инсонлар, Парвардигорингизга куфр ва ширк келтирманг, сизларнинг бу улкан гуноҳларингиз учун У ҳаммангизни Ер юзидан йўқ қилиб юбориб, ўрнингизга тамоман бошқа халқларни келтиради. Сиз куфрингиз ва ширкингизда бардавом турадиган бўлсангиз, Аллоҳни, Пайғамбарни ва Қуръонни инкор қилаверсангиз, Аллоҳ хоҳласа, сизларни Ўзига итоаткор, имонли бандалари билан алмаштиради. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “(Эй инсон), Аллоҳ осмонлару Ерни Ҳак, билан яратиб кўйганини кўрмадингми? Агар У хоҳласа, сизларни кетказиб, янги халҳни келтиради” (Иброҳим, 19). Ақида китобларида ёзилганидек, Аллоҳ таоло хоҳлаган ишини қилади, чунки мулк Уникидир, Ўз мулкида тасарруф қилиш ҳам Унга тегишли. Ким шу тасарруф туфайли Унга зулмни нисбат берса, кофир бўлади. Ундан келган ҳар нарсага рози бўлишимиз энг чиройли ишдир.

17. Ва бу Аллоҳга қийин эмасдир.
Аллоҳ таолонинг яратиш қудрати мутлақо чегара билмайди ва у ҳеч қандай тасодифий ҳодисага боғлиқ ҳам эмас. У Зот хоҳлаган ишини қилади, истаган махлуқларини йўқ қилиб, бошқасини яратади. Бир халқ ёки қавм Аллоҳга итоатсизлиқца ҳаддан ошиб, гуноҳларга ғарқ бўлса, У Зот уларни ҳалок қилиб, ўрниларига бошқа бир халқни келтиради. Бу ишларнинг Аллоҳ таолога асло қийинлиги, машаққати йўқ, У Зот учун мушкул ишнинг ўзи йўқ.

18. Ҳеч бир кўтарувчи бошқанинг юкини кўтармайди. Юки оғир жон ўз юкига чорласа-да, гарчи қариндоши бўлса ҳам ундан ҳеч нарсани кўтаришмайди. (Эй Муҳаммад), сиз Парвардигорларидан ғойибона қўрқадиган ва намозни адо этганларнигина огоҳлантира оласиз. Ким покланса, ўзи учун покланади. Қайтиш Аллоҳгадир.
Ушбу ояти карима ҳар бир шахснинг масъулияти ҳақида бўлиб, бундан Аллоҳ таоло одамларни гуруҳ, жамоат ҳолида ҳисоб-китоб қилмаслиги аён бўлмоқда. Ҳар бир банда қиёмат куни дунёда қилган иш-амаллари учун шахсан ўзи жавоб беради. Бировнинг гуноҳ юки бошқа бир кишига юкланмайди, ҳатто бола-чақаю энг яқинлар ҳам кишининг гуноҳ юкини кўтаришиб олмайди. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради, ҳар бир инсон ўз қилмишига яраша мукофот ёки жазо олади. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани, жумладан, гуноҳкорларнинг гуноҳларини ҳам билиб туради. Охират учун ҳам, бу дунё учун ҳам жорий қилинган қуръоний қоида бор: «Яхшилик қилсангиз ҳам, ёмонлик крлсангиз ҳам ўзларингиз учундир» (Исро, 7). Яъни, Аллоҳ таоло ҳеч кимга зулм қилмайди ва яхшиликларнинг савобларидан ҳеч нарсани камайтирмайди, гуноҳларига ҳеч нарсани қўшиб қўймайди, гуноҳсиз бўлганни азобламайди. Агар бўйнида бошқа бир банданинг ҳаққи қолмаса, тавба қилмаган бўлса ҳам Аллоҳ таоло бандасининг катта гуноҳларини кечиб юбориши мумкин. Эй Пайғамбарим, модомики иш шундай экан, кофирларнинг қилмишларидан куюниб юрманг, уларга ачинманг ҳам. Улар охиратда қилмишларига яраша муносиб жазоларини олишади. Сиз Парвардигоридан ғойибона қўрқадиган, намозларини тўкис адо этадиган бандаларни огоҳлантирасиз, холос. Чунки Аллоҳдан қўрқмайдиган, азобидан сесканмайдиган, Унга ибодат қилишдан ор қиладиган кимсаларга даъватнингтаъсир қилиши амри маҳол иш. Эй Пайғамбарим, осийларнинг имонга келмай, куфр кирлигидан тозаланмай юришлари сизни хафа қилмасин, ҳар бир инсон Биз учун ҳам, юборган Пайғамбаримиз учун ҳам покланмайди, фақат ўзи учун куфр ва ширк ифлосликларидан тозаланади. Қайтиш эса Аллоҳгадир, ҳар бир банданинг ҳузуримизга қайтиши, қилмишлари учун ҳисоб-китобга тортишимиз ҳеч қандай исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир!

19. Кўр билан кўрувчи тенг бўлмайди;
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз мулкида яшаб турган одамларнинг икки тоифасини бир-бирига қарама-қарши қўймоқда. Яъни кўзи ожиз киши билан кўзи кўрадиган одам асло тенг бўлмаслигини билдирмоқда. Худди шунингдек, кўр киши билан кўзи очиқ тенг бўлмаганидек, кофир билан мўмин ҳам тенг бўлмайди. Кўзи ожиз киши ҳеч нарсани кўра олмагани учун йўлини топиб юра олмайди, атрофидаги нарсаларни кўришдан маҳрум. Аммо кўзи очиқ, яхши кўрадиган одам ҳамма нарсани кўради, йўлини топиб юради ва ишларини бемалол қила олади. Худди шу нарсанинг маънавий жиҳатини олиб кўрадиган бўлсак, кофир - кўр, мўмин - кўзи очиқ бўлади. Кофир икки дунёда ҳам ҳеч қандай маънавий кўриш қуролига эга эмас. У бу маънода тўлиқ кўр. Мўмин эса Аллоҳ таоло томонидан берилган имон, дин, илоҳий Китоб, Пайғамбар алай-ҳиссалом кўрсатмалари каби бошқа кўриш қуролларига, ишончли дастурларга эга, кофир эса буларнинг баридан маҳрум. Мўмин ҳидоятнинг нурафшон, ёрқин йўлларида бемалол йўл топиб юрса, кофир залолат зулматларида адашиб, гангиб, тўғри йўлни топа олмай қийналади. Шунинг учун ҳам мўмин билан кофир ҳеч бир нарсада тенг бўла олмайди.

20.    зулматлар билан нур ҳам;
Имон нурдир, қалблардаги ва бутун оламдаги нурдир. Нур барча нарсаларнинг моҳиятини очиб беради, улар орасидаги муносабатларни изоҳлайди. Имонли киши бутун оламга Аллоҳнинг нури орқали боқади ва ҳақни топади. У тўғри йўлдан адашмайди, гуноҳлар йўлига юрмайди. Ушбу ояти каримада бежизга зулмат билан нур бир-бирига қарама-қарши қўйилмаяпти. Зулмат куфрдир, зулматда ҳеч нарсани кўриб бўлмаганидек, кофир кимса кўриш неъматидан маҳрум бўлгани учун ҳақни кўролмайди, нурга, яъни имонга яқин келолмайди. Зулматлар билан нур баробар бўлмаганидек, кофир билан мўмин ҳам тенг бўлмайди. Шу боис, куфр орқали ҳеч нарсани кўриб, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, имон билан эса ҳақ йўлни топиб, икки дунё саодати қўлга киритилади.

21.    соя билан жазирама ҳам;
Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло Ўзи яратган нарсаларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш орқали бандаларига имон ва куфр орасидаги фарқни васф қилиб беряпти. Бу оятда имон сояга, куфр эса жазирама иссиққа ўхшатиляпти. Одам қаттиқ иссиқда қийналиб, жони озорлангач, соя жойга ўтганида қанчалар роҳатланиб, тани яйрагани каби куфр қийноқларида юрган кимса ҳам имонга келганида қалби ҳаловат топади, руҳи сакинатга эришади, вужуди роҳатланади. Имон соясида ўтганлар охиратда жаннатга тушадилар, куфр жазирамасида ўтганлар эса дўзах жазирамасида куядилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳтаоло қиёмат куни «Менинг жалолим билан Менга муҳаббат қўйганлар қани? Мен уларни бугун - Ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда - Ўз соямга олурман», дейди» (Муслим ривояти).

22.    Тириклар билан ўликлар ҳам тенг бўлмайди. Аллоҳ хоҳлаганига эшиттиради, сиз эса қабрдагиларга эшиттира олмайсиз.
Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло икки қарама-қарши нарсани мисол қилиб келтирмоқда. Тириклар билан ўликлар асло тенг бўлмайди, яъни имон - ҳаёт, тириклик саналса, куфр - ўлим, маййитдир. Мўминлар тириклар, кофирлар эса ўликлардир. Тириклар билан ўликлар тенг бўлмаганидек, мўминлар билан кофирлар ҳам асло тенг бўлмайди. Даъватни инкор этувчи кофирлар қабрдаги ўликка ўхшайди. Эй Пайғамбар, ҳар қанча ҳаракат қилсангиз ҳам уларга Аллоҳнинг даъватини асло эшиттира олмайсиз. Шунингучун кофирларнинг ҳолига куюнаверманг, уларга ачинманг ҳам, Парвардигорингиз уларга мана шундай маънавий ўликликни тақдир қилгандир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Улар менинг айтганларим ҳақ эканини энди билишяпти». Дарҳақиқат, Аллоҳтаоло: «Сиз ўликларга эшиттира олмайсиз», деган» (Бухорий ривояти).

23.    Сиз фақат огоҳлантирувчисиз.
Аллоҳ таоло айтяптики: Биз барча пайғамбарларни азобимиздан огоҳлантирувчилар қилиб юборганмиз. Эй Пайғамбарим Муҳаммад, сизнинг вазифангиз ҳам одамларни қилган гуноҳлари ва осийликлари сабабли охиратда азоблашимиздан огоҳлантириш, холос. Уларни ҳидоятга солиш сизнинг вазифангиз эмас, бандаларини тўғри йўлга йўллаш Аллоҳнинг ишидир.

24.    Биз сизни ҳақ билан хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Ҳар бир умматда албатта бир огоҳлантирувчи бўлган.
Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, эй суюкли Пайғамбарим, Биз сизни ҳақ дин - Ислом ва ҳақ Китоб - Қуръон билан мўминларга жаннат башоратини билдирувчи - хушхабарчи, кофирларга дўзах азобидан огоҳлантирувчи - қўрқитувчи қилиб юбордик. Сизнинг пайғамбар бўлишингиз ажабланарли иш ҳам, янгилик ҳам эмас. Инсоният тарихида ҳар бир қавмга, ҳар бир умматга сизга ўхшаш қанчалаб огоҳлантирувчи пайғамбар келган. Ўтган ўша умматлар билан уларга келган пайғамбарлар ўртасида турли келишмовчилик, можаролар ҳам бўлиб ўтган.
Қуръони каримда ўша пайғамбарлардан йигирма беш нафарининг зикри келган. Аллоҳнинг Китобида зикр қилинган пайғамбарлар уларнинг ҳаммаси ҳам эмас. Улардан ташқари яна минглаб пайғамбарлар ўтганки, улар ҳақида бизларга ҳеч нарса маълум эмас. Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Аниҳки, Биз сиздан илгари ҳам пайғамбарлар юборганмиз. Улардан Биз сизга сўзлаб берган кишилар ҳам бор, яна улардан Биз сизга сўзлаб бермаган кишилар ҳам бордир» (Ғофир, 78).

25. Агар сизни ёлғончига чиқаришса, улардан олдингилар хдм ёлғончига чиқарган эдилар. Ҳолбуки пайғамбарлари уларга аниқ аломатлар, саҳифалар ва нурли китоб билан келишган эди.
Эй севикли Пайғамбарим, агар кофирлар сизни ёлғончига чиқаришса, рисолатни ёйишда сизга тўсқинлик қилишса, сиз асло хафа бўлманг, ғамга ботманг. Уларнинг одатлари аввлда ҳам шундай бўлган, ҳозирда ҳам ўзгаргани йўқ. Сиздан олдинги кофирлар ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларни ҳамиша ёлғончига чиқаришган, улар олиб келган рисолатни тан олишмаган ва қилмишлари учун Парвардигорларининг қаттиқ азобига дучор бўлишган. Кофир кимсаларнинг сизни ҳам, ўтган пайғамбарларни ҳам инкор этишга, уларга итоатсизлик кўрсатишга асло ҳақлари йўқ эди. Ўша пайғамбарлар ўзларининг ҳақ пайғамбар эканликлари тасдиғи сифатида Аллоҳ томонидан равшан, очиқ-ойдин мўъжизалар кўрсатишган, баъзилари илоҳий китоб даражасига етмаган саҳифалар, баъзилари нурли китоб келтиришган эди. Сиздан олдинги қавмларга нозил қилинган Забур, Таврот ва Инжил ана шундай илоҳий китоблардир. Энди эса ўтмиш қавмларнинг тақдиридан ибрат олмай, куфр чангалзорларида адашиб юрган кимсалар Аллоҳнинг охирги китоби Қуръони каримни ҳам инкор қилишяпти. Улар бу инкорлари билан ўзларига қанчалар оғир оқибатни танлашганини ўйлаб ҳам кўришмайди.

26. Сўнгра куфр келтирганларни тутдим. Энди Менинг инкорим қандай бўлди?!
Аллоҳ таоло аввалги барча умматларнинг куфр келтирганларини охир-оқибатда Ўзининг аламли азоби билан тутган. Олдингиларни ҳам, кейингиларни ҳам Ўз азобига гирифтор қилган. Шунинг учун Муҳаммад алайҳиссаломга куфр келтириб, у зотга нисбатан катта беодоблик ва итоатсизлик кўрсатган гумроҳларни ҳам Аллоҳ таоло Ўз азоби билан тутиши аниқ! Аллоҳ таоло оят охирида Ўзига куфр келтирганларга итоб қилиб, “Менинг оятларимни ва Мен юборган Пайғамбарни инкор қилишнинг оқибати энди нима бўлди?” деб савол беряпти. Улар Аллоҳнинг инкор қилишган эди, Аллоҳ ҳам уларни бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйди, ёрдам бермади, охиратда қаттиқ азобда қолишларини ирода қилди. Шунинг учун кейинги умматлар бундан ибрат олиб, Аллоҳнинг инкорига учраганларнинг қилмишларини такрорламасликлари керак.
Келгуси оятларда инсонларнинг диққат-эътибори Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи борлиқдаги баъзи мўъжизаларга қаратилади:

27. Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингизми? Кейин Биз у билан турфа рангли меваларни чиқардик. Тоғлар-даги тизмаларнинг эса турли рангдагиси - оқ, қизил ва ҳатто тим қоралари ҳам бор.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонлар эътиборини борлиқдаги Ўзи яратган ажойиботларга тортмоқда. У ҳар бир ақлли бандасига хитоб қилиб, Ўзининг ажойиботлари ҳақида тафаккур қилишни таклиф этмоқда. Энг аввал одамларнинг диққат-эътибори осмондан ёғдириладиган сувга, яъни қор-ёмғирга қаратил-моқда. Осмондан сув тушишининг ўзиёқ Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик қудратию бандаларига беқиёс меҳрибонлигининг кўринишига ёрқин далил бўла олади. Ер юзидаги ҳамма сувни Аллоҳ таоло гоҳо ёмғир-қор, баъзан муз-дўл кўринишида осмондан ёғдириб туширган. Булардан эса булоқлар, қудуқлар, кўллар, анҳор ва дарёлар ўз сувини олади, бу сувдан ҳамма - инсонлару ҳайвонлар, дарахтлару экинлар, қушлару ҳашаротлар фойда олади.
Энди бир савол туғилади? Ер ҳам, сув ҳам бир хил бўлсаю, аммо иккови воситасида униб чиққан ва ҳосил туккан мевалар нима учун турли ранг, турли шакл ва турли таъмга эга бўлади. Биргина олма дарахтидан қизил, сариқ, яшил, пушти рангдаги, ширин, аччиқ, нордон ва чучук таъмли мева пайдо бўлганини нима билан изохдаш мумкин? Мана шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг чексиз яратувчилик қудрати далили эмасми? Аммо инсон фарзанди бу улкан мўъжизага эътибор бермайди, унга ибрат кўзи билан қарамайди. Аллоҳ яратган турли рангдаги ўша ўсимлик ва мевалар расмини Аллоҳ берган ақл, истеъдод ва кўл билан Аллоҳ берган рангларда чизган рассомга тасаннолар ўқийди, унинг расмлари учун кўргазмалар ташкил қилади, ҳамманинг эътиборини шунга тортишга ҳаракат қилади, мусаввирнинг маҳоратини кўкларга кўтариб, мақтайди, мукофотлар беради. Аммо борлиқдаги бу беҳисоб неъматларни йўқдан бор қилиб яратган буюк Холиқни, тенгсиз Мусаввирни инкор этади, Унга куфр ва ширк келтиради. Ҳолбуки, ана шу ранг-баранг меваларнинг ўзигина кишиларнинг имонга келишлари учун етарли далил-ҳужжат эмасми? Булардан ташқари буюк Яратувчи инсонларнинг осон йўл топиб юришлари учун тоғлар бағридан турли ва ранг-баранг йўлларни, сўқмоқларни ҳам чиқариб қўйган. Аллоҳ берган турфа ранглар фақат меваларда эмас, балки улкан ва салобатли тоғларда ҳам бўлади. Тоғ тизмаларининг (йўлларининг) ҳам турли рангдагилари: оқ, қизил, яшил, жигарранг, ҳатто қоралари ҳам бор. Турли набототлар ва тоғларнинг яратилиши ҳақида эмас, ҳозирча фақат уларнинг ранглари хусусида фикр юритайлик: уларга Аллоҳ таоло ранг бермаса, ким ранг беради? Бунчалик турли-туман ранглар қаёқдан келади? Шунча нарсани бўяб чиқишга кимнинг кудрати етади? Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг Биру Борлиги ва чексиз қудрат соҳиби эканига ёрқин далиллардир.

28. Шунингдек, одамлар, ҳайвонлар ва чорвалардан ҳам турли рангдагиси бор. Аллоҳдан бандаларининг фақат олимларигина қўрқишади. Аллоҳ қудратлидир, мағфиратлидир.
Меваларни ҳам, тоғларни ҳам турфа рангда қилиб қўйган Аллоҳ азза ва жалла бундан бошқа нарсаларни ҳам ранг-баранг қилиб яратган. Ҳозир дунёда яшаб турган миллиардлаб одамларнинг шакли-шамойили бир хил кўринишда бўлса ҳам, уларнинг тери ранглари турличадир. Ер юзини макон тутган одамларнинг бири қоратанли бўлса, иккинчисининг териси ранги қордай оппоқ. Яна бир буғдойранг бўлса, бошқасиники сап-сариқ. Мана шунинг ўзиёқ Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига ва чексиз қудрат соҳиби эканига ёрқин далилдир. Шу каби турли ҳайвонлар ва чорва ҳайвонларининг ранглари ҳам инсонни ҳайратга соладиган даражада хилма-хилдир. Табиатшунос олимлар биргина қапалакларнинг минглаб хили борлиги, бу митти жониворларнинг қанотлари ранги ва нақши бир-бирига ўхшамаслигини ҳайратланиб ёзишади. Қушларнинг қанотидаги, бошидаги турфа рангларни ҳатто энг уста мусаввир ҳам ўхшатиб чиза олмайди. Инсон ана шу ранг-баранг ҳайвонот оламининг қандай яратилиши ҳақида фикр юритиб ўтирмасин-да, ана шу ноёб ва гўзал ранглар билан безаган Сониънинг биргина қудрати ва санъатига тан берсин, Парвардигорини таниб, Унга имон келтирсин, Унинг амр-фармонларини бажарсин. Ана шундагина у чинакам бандалик қилган бўлади. Аллоҳнинг буюк санъати билан яратилган ранг-баранг мавжудотларга боқиб, улардан ибрат олган, буларнинг ягона Холиқи Аллоҳни эслаганларгина эсли-хушли, билимли инсон ҳисобланиши мумкин.
Ушбу ояти карима «Аллоҳдан бандаларининг фақат олимларигина қўрқишади” деган буюк бир ҳақиқатни англатади. Дарҳақиқат, ҳар ишда Аллоҳ таолонинг қудрати ва кибриёсини ҳис қилган, бунга ақли ва онги билан ишониб, имон келтирган, Аллоҳнинг азамати ва яратиш ҳикматини англаган инсонгина чин олим саналади. Илмнинг бир жабҳасида буюк кашфиётлар қилиб танилган бир олим Аллоҳдан қўрқмаса, бу унинг жоҳиллигидан дарак беради. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас, илм қўрқишнинг кўплигидир», деган. Ҳасан Басрий эса: «Олим Аллоҳ-дан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб, «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар экан. Молик ибн Динор шундай деган: «Агар киши нафсида қўрқинч ва умид аломатини билса, у ишончли ишни ушлабди». Яҳё ибн Муоз: «Инсон агар фақирликдан қўрққанидек жаҳаннам оташидан ҳам қўрқсайди, шубҳасиз жаннатга кирарди», деган. Бизни ҳар қандай жазодан қутқарувчи Аллоҳнинг Ўзи! Ҳеч ким, ҳар қандай қудратли шахс Унинг ҳузуридаги ҳисоб ва жазодан қутқариб қола олмайди! Аллоҳдан қўрқиш - банда учун илоҳий неъмат, улуғ қаҳрамонлик! Унга сиғиниш ва итоатда бўлиш дунёнинг барча қўрқув ва гуноҳларидан бирданига халос бўлишдир! Ҳузури Олияда ўзни паст, ҳоксор тутиш - энг улуғ олийжаноблик! Айтишларича, Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада: тилда, қалбда, кўзда, меъдада, қўлда, оёқда, итоатда намоён бўлади. Ва буни шундай шарҳлашади: Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғон, ғийбат, бўҳтон, беҳуда сўзлардан тияди, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлади. Аллоҳдан қўрққан киши қалбини ҳасад, кўролмаслик, душманлик, хусумат каби иллатлардан фориғ этади. У кўзини ҳаромдан асрайди, дунёга ҳирс эмас, ибрат назари ила боқади. У меъдасини шубҳали ва ҳаром нарса билан тўлдирмайди. Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди. Исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун Унга итоат этади, риё, иккиюзламачиликдан сақланади. Аллоҳдан қўрқувчилар тақводорлардир. Тақводорлар Аллоҳдан қўрққанлари учун Унинг амрига итоатда туришади. Узларини барча ёмонликлардан тийишади. Охират йўлида ҳамиша ибодатда бўлишади. Жанннат неъматлари орзусида барча қийинчилик, азоб-уқубатларга сабр этишади. Тақводорликнинг белгиси қўрқув ва умид орасида туришдир. Яъни Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг азобидан, дўзахидан, иқобга олишидан, ҳисоб-китобидан қўрқиш ва айни пайтда Унинг раҳмат-мағфиратидан, меҳрибонлигидан, жаннатга киритишидан умидворлик туйғуси билан яшашдир! Шунинг учун қудратли ва мағфиратли Аллоҳ таолодан қўрқишгина кишининг чин маърифатига далолат қилади, Аллоҳуни динни теран англовчи олим қилиб қўйганидан хабар беради.

29. Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни адо этадиган, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиганлар асло касодга учрамайдиган ти-жоратдан умидвор бўлишади.
Аллоҳнинг Китобини, яъни Қуръони каримни мунтазам равишда тадаббур билан тиловат қиладиган, намозларини вақтида, арконларига риоя қилган ҳолда адо этадиган, Аллоҳ ўзларига ризқ қилиб берган нарсалардан яширин ва ошкора эҳсон қиладиганларнинг тижоратлари, яъни охират учун кўрадиган тайёргарликлари асло касодга учрамайди, ўзлари зиёнкорлардан бўлиб қолишмайди. Дарҳақиқат, Қуръон мўминларни энг тўғри йўлга этувчи, эзгу амалларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берувчи илоҳий ҳужжатдир. Мусулмонман деган ҳар бир киши Қуръонни ўқиши, уни ўрганиши фарз. Аллоҳ таолонинг Ўзи: «Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзларинг ўқиб-ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар» (Оли Имрон, 79), деб буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, у ҳалол қилган нарсани ҳалол билса, у ҳаром қилган нарсани ҳаром билса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади ва ўз аҳлидан дўзах вожиб бўлган ўн кишига шафоатчи қилади», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна Қуръони каримни ёд олган одамга уни эсдан чиқариб қўймаслик учун такрорлаб туришни ҳам буюрганлар. У зот алайҳиссалом: «Менга умматимнинг гуноҳлари кўрсатилди. Қуръондан бир сура ёки оят унга берилганида унутиб қўйган одамдан кўра катта гуноҳни кўрмадим», дедилар.
Мўминларнинг ибодатдан, имондан кейинги фазилатларига саховатпешалик, меҳр-мурувват, кўп эҳсон қилиш ҳам киради: улар энг яхши кўрган молларидан қавми-қариндошларига, етимларга, камбағал-бечораҳол кишиларга, сафарда қийналиб қолган мусофирларга, тиланчи-сўровчиларга, қулларни озод қилиш каби ишларга эҳсон қилишса, улкан ажр-савобларга сазовор бўлишади. “Эҳсон” деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Қуръонда эҳсон фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар, уларга етадиган манфаатлар ҳам баён этилади. Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон сифатида берсангиз ёки унга бирор яхшилик қилсангиз, бундан кўнглингиз ёришади, ўзингизни руҳан хотиржам сезасиз, бошқаларга фойда келтирганингиздан севинасиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан хурсанд бўлади, дилида сизга нисбатан муҳаббат ва эҳтиром уйғонади, агар сизга адовати бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам - эҳсон, бировни кечириш ҳам - эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам - эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам - эҳсон. Аллоҳ азза ва жалла бундай буюради: “Аллоҳга ибодат крлинглар, Унга ҳеч нарсани шерик ҳилманглар. Ота-онага, ҳариндошларга, етимларга, камбағалларга, ҳариндош кўшниларга, оддий кўшниларга, оила аъзоларингизга эҳсон (яхшилик) ҳилинглар” (Нисо, 36).

30. Зеро, У Зот уларнинг мукофотларини тўлиқ қилиб беради ва Ўз фазлидан кўпайтириб ҳам беради. У мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир.
Аллоҳ азза ва жалла юқоридаги оятда тилга олинган мўминларнинг, яъни Қуръони каримни доимий тиловат қиладиган, намозларини тўкис ато этадиган, Аллоҳ ўзларига ризқ қилиб берган нарсалардан бошқаларга эҳсон қиладиган кишиларнинг мукофотларини охиратда тўлиқ қилиб беради, ҳатто Ўз фазлидан уларни кўпайтириб ҳам беради. Чунки Аллоҳ таоло бандаларнинг гуноҳларини мағфират қилувчи, уларга кўп савоб берувчи Зотдир. Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусо Парвардигоридан «Жаннат аҳлининг энг мартабаси пасти кимдир?» деб сўради. «У жаннат аҳли жаннатга киритилгандан кейин келадиган кишидир. Шунда унга: «Жаннатга кир!» дейилади. «Парвардигорим, қандай қилиб? Ахир одамлар жойларини эгаллашди ва оладиганларини олиб бўлишди-ку?» дейди. «Сенга дунё подшоҳларидан бирининг мулки мислича бўлса, рози бўласанми?» дейилади. «Розиман, Парвардигорим!» дейди. «Ўша сенга ва унинг мислича, унинг мислича, унинг мислича, унинг мислича. Бешинчисида (банда) «Розиман», дейди. Шунда У Зот «Бу сенга ва бунинг ўн баробари ҳам сенга ва кўнглинг истаган ва кўзинг қувнаган нарсалар ҳам сеники», дейди. «Розиман, Парвардигорим!» дейди. «Парвардигоро, уларнинг энг мартабаси юқориси-чи?» деди Мусо. «Уларни Ўзим танладим, кароматларини қўлим билан экдим ва Ўз муҳримни босдим. Уни кўз ҳам кўрмаган, қулоқ ҳам эшитмаган ва у башарнинг қалбига хотира ҳам бўлмаган», дейди У зот. Бунинг тасдиғи Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидадир: «Ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмайди» (Муслим ривояти).

31. (Эй Муҳаммад), Биз сизга ваҳий қилган Китоб ҳақдир, ўзидан олдингиларни тасдиқловчидир. Аллоҳ Ўз бандаларидан хабардордир, кўриб турувчидир.
Эй Пайғамбарим, Парвардигорингиз бандаларининг ҳолини яхши билгани учун, уларга ғоятда меҳрибонлиги сабабли Ўз Каломи - Қуръонни ҳаммадан улуғ ва севимли Пайғамбарига нозил қилдики, токи унинг севимли уммати Қуръон ҳидоятига амал қилиб, икки дунё саодатини қўлга киритсинлар. Биз сизга нозил қилган Китоб - Қуръони карим айни ҳақдир. Қуръоннинг ўзи, унинг таълимоти ва ҳукмлари ҳам ҳақдир. Парвардигорингизнинг ушбу Китоби ҳақ бўлгани учун ҳам ўзидан олдин нозил қилган китобларимизни ҳам тасдиқ қилиб келгандир. Аллоҳ бандаларининг ҳар бир ишию, ўй-хаёлидан яхши хабардор бўлгани учун ҳам улардан ким илоҳий Китобга имон келтирадию, ким уларни инкор қилиб, илоҳий ваҳийларни ёлғонга чиқаради - ҳаммасини кўриб туради.

32. Сўнгра бу Китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Улардан ўзига зулм қилувчилари бор, улардан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни билан яхшиликларда ўзувчилар ҳам бор. Ана шу улуғ фазлдир.
Ислом дини одамлар ўртасидаги фитрий (табиатидаги мавжуд) ва амалий (кейин қўлга киритилган) фарқ-тафовутларни тан олади. Имон қувватида, Аллоҳ буюрганини ушлаш ва қайтарганларидан қочишда ҳамда олий мақсадларга боғланишда ҳамма одамлар ҳам бир хил даражада эмас. Бу хусусда Ислом мартабаси, имон мартабаси ва энг олий даража - эҳсон мартабаси мавжуд. Шунингдек, Қуръони каримнинг ушбу оятида таъкидланишича, ўзига зулм қилган, муқтасид (ўртача амал қиладиган) ва собиқ (яхшиликларга шошувчи) инсонлар бор. Ўзига золим кимса - қусурли, баъзи вожиботларни тарк этиб, айрим ҳаром ишларни қилиб қўйган инсондир. Муқтасид эса - мустаҳабларни тарк этса-да, вожиб амалларнинг ўзи билан чекланган, макруҳ амалларни қилса-да, ҳаромларини тарк этган кишидир. Собиқ бўлса - вожиблар устига суннат ва мустаҳабларни зиёда қилган, ҳаром ишларни тарк этиш билан бирга, макруҳ ва шубҳалардан ҳам қочган, балки ҳаромга тушиб қолишдан қўрқиб, айрим мубоҳлардан ҳам эҳтиёт бўлган кишидир. Бу тоифа кишилар ушбу оятда “Улардан ўзига зулм қилувчилари бор, улар-дан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни билан яхшиликларда ўзувчилар ҳам бор” деб васф қилинмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, ояти карима даражаларидаги тафовутларига қарамай, бу уч тоифани Аллоҳ Ўзи танлаган ва Китобга ворис қилган бандалари сифатида зикр қилди. Бу оят мусулмон умматининг мақоми нақадар улуғ эканини яққол кўрсатмоқда. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ Китобига меросхўр қилиб, барча умматлар ичидан айнан мусулмон умматини танлаб олганини айтмоқда. Аллоҳ таоло Ўзининг боқий мўъжизаси бўлмиш ҳақ Китоби - Қуръони каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига мерос қилиб берди. Бу иноятда шон-шараф ҳам, жуда улкан масъулият ҳам бор. Мана шунинг ўзи айни улуғ фазлдир.

33. Улар Адн жаннатларига киришади. Унда олтин билагузуклар ва маржонлар билан безанган бўлишади. Унда кийимлари ипакдан бўлади.
Жаннатнинг бир неча номлари бўлиб, «Адн» исми Қуръони каримда бир неча бор зикр қилинган. “Адн” «неъматга бой, тўлиқ» маъносини билдиради. Демак, охиратда Аллоҳнинг ҳақ Китоби - Қуръони каримга муносиб меросхўр зотлар ана шундай неъматларга тўлиқ жаннатларга сазовор бўлишади. Адн жаннатларига кирган мўминлар олтин билагузуклар ва маржонлар билан безанган бўлишади. Дунё ҳаётида тилла буюм ва тақинчоқлар эркакларга ҳаром қилинган бўлса, охиратдаги жаннатда бундай безаклар уларга ҳалол бўлади. Дунё ҳаётида эркакларга ипакли кийимлар ҳаром қилин-ган бўлса, уларнинг жаннатдаги кийимлари ипак, шойидан бўлади.

34. Улар шундай дейишади: «Биздан қайғу-хафаликни кетказган Аллохга ҳамд бўлсин. Ҳақиқатан Парвардигоримиз мағфиратлидир, кўп савоб берувчидир»;
Маҳшаргоҳга тўпланган инсонлар қиёмат даҳшатларини кўриб, бир даҳшатга тушишган бўлса, дўзахийларнинг гуноҳлари учун жаҳаннам сари судраб кетилаётганини кўриб, яна бир қўрқувда қолишади. Шунда уларнинг ҳисоб-китоби тугагач, жаннатга киришларига ҳукм бўлади. Улар жаннат сари кетаётиб хурсанд бўлганларидан “Бизни дўзах азобидан қутқариб, жаннати билан мукофотлаган, ҳозиргача бутун вужудимизни қамраб турган қўрқув, хафалик ва ғам-ташвишларни биздан кетказган меҳрибон Аллоҳга мақтовларимиз бўлсин, ҳақиқатан буюк Парвардигоримиз ўта кечирувчи, савобларимизни кўпайтириб берувчидир”, дейишади. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ: «Эй Одам!» дейди. У: «Лаббай, амрингга мунтазирман! Яхшилик Сенинг қўлингдадир», дейди. У Зот: «Дўзахга юбориладиганларни чиқар», дейди.У: «Дўзахга юбориладиганлар қанча?» дейди. У Зот: «Ҳар мингтадан тўққиз юз тўқсон тўққизтаси», дейди. Ана шунда гўдакнинг сочи оқариб кетади, «ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлайди ва одамларни маст ҳолатда кўрасан, ҳолбуки, улар маст эмаслар. Лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир». Бу уларга (ўтирганларга) оғир келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ўша киши қайси биримиз?» дейишди. У зот: «Хушнуд бўлинглар, чунки Яъжуж ва Маъжуждан мингта, сизлардан эса бир киши», дедилар. Сўнгра: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен жаннат аҳлининг учдан бири сизлар бўласиз деб умид қиламан», дедилар. Биз Аллоҳга ҳамд ва такбир айтдик. «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен жаннат аҳлининг тенг ярми сизлар бўласиз деб умид қиламан. Сизлар умматлар ичида қора ҳўкизнинг терисидаги бир дона оқтуқдек ёки эшакнинг тиззасидаги оқлиқдек(озчилик)сизлар», дедилар» (Бухорий ривояти).

35. «У бизларни Ўз фазли билан шундай бир мақомга жойлаштирдики, у ерда бизга на машаққат етади, на ҳорғинлик етади».
Аллоҳ таоло жаннат аҳлини жаннат боғларига мушарраф қилганидан кейин улар хушнуд ҳолларида шундай дейишади: “Парвардигоримиз бизларни Ўз фазли-марҳамати билан бир гўзал ва роҳатбахш маконга туширдики, бизлар бу ерда асло чарчамаймиз, руҳларимиз ҳеч қачон ҳорғинлик сезмайди. Бу ерда бизларга бирор машаққат-қийинчлик ҳам етмайди, хафа ҳам бўлмаймиз. Шунинг учун У Зотга ҳамду санолар бўлсин”. Аллоҳнинг ҳақ Китоби - Қуръони каримга муносиб меросхўр бўлган зотлар ана шундай роҳат-фароғатда туришган бир пайтда кофирларнинг аҳволи тамоман бошқача бўлади. Анас розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Баъзи қавмларга қўл урган гуноҳлари сабабли уқубат ўлароқ дўзах оловининг алангаси тегади. Кейин Аллоҳ Ўз раҳматининг фазли билан уларни жаннатга киритади. Уларни «жаҳаннамийлар» дейишади» (Бухорий ривояти).

36. Куфр келтирганларга дўзах олови бордир. Уларга на ҳукм қилиниб ўла олишади, на улардан унинг азоби енгиллатилади. Ҳар бир кофирни мана шундай жазолаймиз.
Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига куфр келтирган имонсиз кимсаларнинг охиратдаги аҳволи тамоман бошқача бўлади. Уларнинг энг оғир қисмати шуки, улар абадий жазо жойи бўлмиш дўзахга ташланишади. Ушбу оятда уларнинг бу аянчли ҳолати шундай тавсифланади: улар на ўлимга ҳукм қилинади ва жонларини ўлим билан қутқара олишади, на улардан азоблари бирор соат енгиллатилади, бироз нафасларини ростлаб, ором олишади. Улар тинимисиз оловда азобланишади, қийноқлар бир зумга тўхтамайди. Азобни оғирлаштириш учун куйган терилари ўрнига яна янги тери қопланади. Мана шу тарзда улар абадий жазоланишга маҳкумдирлар. Аллоҳ таолонинг ушбу ваъдасига биноан кофир кимсалар охиратда ана шундай қаттиқ азобга гирифтор бўлишади. Бундай қисмат бошга тушмаслиги учун банда дунё ҳаётида Аллоҳга имон келтириши, ҳаётини солиҳ амаллар билан безаб, дўзах азобидан қутулиб олиши лозим.

37. Улар у ерда: «Парвардигоро, бизларни чиқар, қилиб юрган амалларимиздан бошқа солиҳ амалларни қилайлик!» деб дод-фарёд қилишади. «Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаганмидик? Сизларга огоҳлантирувчи келмаганмиди? Энди тотаверинглар, золимларга ёрдам берувчи бўлмайди».
Дунё ҳаётидаги исён ва гуноҳлари учун дўзахга ташланган дўзахийлар у ерда туриб Парвардигорларига шундай дод-фарёд қилишади: “Эй Парвардигоримиз, бизларни ушбу дўзахингдан чиқар, азоблашни тўхтат! Дунёда бутун умр гуноҳ ишларни қилиб юргандик, Сенинг амр-фармонларингга бўйсунмаган эдик. Энди бизларни яна дунёга қайтарсанг, олдинги гуноҳларни қайтармаган, аксинча савобли ишларни, солиҳ амалларни қилган бўлардик”. Бунга жавобан Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қиладики, “Эй гумроҳ бандалар, Биз сизларга дунёда гуноҳларга тавба қилишингиз, ҳидоят йўлига ўтишингиз учун муҳлат бериб қўйган эдик. Бу муҳлат одамларниинг эсида қоладиган даражада ўнгланишингиз учун етарли эди. Ўша биз берган умрни нимага сарф қилдингиз?! Нима учун солиҳ амал қилиш ўша пайтда эсингизга келмади?! Аллоҳ таоло умр бериб қўйган вақтда солиҳ амал қилмай, энди дўзахга тушганингизда қилиш ёдингизга келиб қолдими?! Бунинг устига сизларни азобимиздан огоҳлантириш, яхши амалларингиз учун мукофотларимиздан хушхабар бериш учун бир меҳрибон Пайғамбарни ҳам юборган эдик. Лекин сизлар на берган муҳлатимиздан фойдаландинглар, на юборган Пайғамбаримизнинг насиҳатларига, даъватларига қулоқ солдинглар. Энди ўзларингдан кўринглар: тўғри йўлга юрмай абадий азобимизни танлаган эдинглар, энди ана шу азобимиз “мазаси”ни тотаве-ринглар. Энди сизларга ёрдам берадиган, азобимиздан қутқариб қоладиган бир зот бўлмайди!

38. Аллоҳ осмонлару Ернинг ғайбини билувчидир. Ҳақиқатан У диллардаги ҳамма нарсани ҳам билувчидир.
Осмонлар ва Ердаги ҳамда улар орасидаги барча ғайбий (яширин) нарсаларни фақат Аллоҳ билади. У инсонларнинг дилидаги нарсаларнингҳам ҳаммасини билади. Шунингучун ҳам кофирларни нима учун жазолаётгани ҳикматини ҳам ёлғиз Унинг Ўзи билади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийнинг (саҳройи кишининг) ёнидан ўтаётиб, унинг намоздан сўнг пичирлаб шундай мазмунда дуо қилаётганини эшитиб қолдилар: “Эй кўзлар кўрмайдиган, ақллар идрок қилолмайдиган, васфчилар етказиб васф эта олмайдиган, ҳеч бир воқеа-ҳодиса ўзгартира билмайдиган, офатлардан қўрқмайдиган, тоғларнинг оғирликларини, денгиз сувларининг ўлчовини, ёмғир томчиларию дарахт япроқларининг сон-саноғини, кеча ва кундуздаги нарсалар ҳисобини билувчи Зот! Осмон юксаклигию Ернинг туби ҳам, денгиз тагию тоғнинг қаъри ҳам - ҳеч бир нарса Сендан пинҳон эмас. Умримнинг поёнини унинг энг яхшиси, ишларимнинг охирини уларнинг энг яхшиси қилгин ва Сенга йўлиқажак куним ҳам кунларимнинг энг яхшиси бўлсин!”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан бирига ўша одамнинг ёнида қолиб, ибодатини тугатгач уни ҳузурларига олиб боришни топширдилар. Кўп ўтмай аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳозир бўлди. Шунда Пайғамбаримиз ўзларига ҳадя қилинган бир қанча олтинларни унга бердилар ва сўрадилар: “Эй аъробий, қаерликсан?”. “Мен Бани Омир ибн Сасаъ қабиласиданман, эй Аллоҳнинг Расули”. “Бу олтинларни сенга нима учун берганимни биласанми?” “Эй Аллоҳнинг Расули, орамиздаги биродарлик ришталари янада мустаҳкамланиши учун бергандирсиз?”. “Шубҳасиз, биродарлик ҳаққи буюк. Аммо мен бу олтинларни Аллоҳ таолога гўзал дуо қилганинг учун бердим”, деб марҳамат қилдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”.

39. У сизларни ер юзида халифа қилиб қўйган Зотдир. Ким куфр келтирса, куфрининг зарари ўзигадир. Кофирларга куфри Парвардигорлари ҳузурида фақат ғазабнигина зиёда қилади, кофирларга куфри зиённигина зиёда қилади.
Яъни, Аллоҳ таоло инсонларга макон қилиб берилган Ер юзини яшнатиш ва обод қилиш учун аввалги умматларнинг жойини сизларга яхши мақом қилиб берди, сизларни Ер юзида халифа-ўринбосар қилиб қўйди. Дунё пайдо бўлибдики, ҳамиша авлодлар алмашиниб туради, бирининг ўрнига бошқаси келади. Шу тариқа одамлар, қавмлар, давлатлар ва умматлар бир-бирларига ўринбосар бўлиб келади. Шундай бўлгач, кейин келганлар олдингиларнинг тарихидан, яшаш тарзидан хабардор бўлиши, уларнинг қисматидан насиҳат, ибрат олишлари лозим. Бу ибрат эса охирати куйиб, Аллоҳнинг ғазаби ва азобига дучор бўлганларнинг хатоларини такрорламаслик учун керак бўлади. Буюк фазл-марҳамати билан инсонларга Ер юзини гўзал макон қилиб берган Аллоҳ таолонинг бу меҳрибонлиги эвазига Унинг динини инкор қилиш ўрнига У Зотга ҳамду санолар йўллаш керак бўлади. Шундай йўл тутган имонли кишиларнинг оқибати гўзал, охирати ҳавас қилгулик, ўзлари таскин ва роҳатда. Аксинча, Аллоҳга куфр келтирганларнинг ҳоли хароб, оқибати аянчли, қисмати хавотирли. Кофир кимсалар дунё ҳаётида ғафлат ва залолат йўлларида юриб, охиратда Аллоҳнинг фазл-марҳаматидан асло умид қилишмасин, чунки бундайлар ўз куфрлари билан раҳмат ва мағфиратнинг барча эшикларини ёпиб ташлашган. Улар куфр йўлини тутиб фақат ўзларига зарар қилишди, энди бу қилмишлари билан охиратда фақат Парвардигорларининг ғазабига қолишади, холос. Улар икки дунё саодатини бой бериб, охиратда зиён ва азобдан бошқа нарсани қўлга киритишмайди. Куфр шундай балоки, у на дунёда, на охиратда эгасига бирон фойда келтирмайди. Аксинча, унинг қисматини оғирлаштиради.

40. (Эй Муҳаммад), «Аллоҳдан бошқа илтижо қилаётган шерикларингизнинг хабарини беринглар-чи! Улар Ерда нимани яратганини кўрсатинглар-чи! Ёки уларнинг осмонларда ишти-роклари борми?» денг. Ёки Биз уларга китоб берганмиз-у, улар ундан бирон ҳужжат топишганми? Йўқ! Золимлар бир-бирларига фақат алдовни ваъда қилишади.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мушрикларни лол қолдирувчи бир неча саволлар беришни ўргатмоқда. «Эй Муҳаммад, мушрикларга шундай деб айтинг: «Аллоҳдан бошқа илтижо қилаётган шерикларингизнинг хабарини беринглар-чи?! Улар ўша шерикларингиз Ер юзида бирор нарсани яратган бўлишса, менга ўшани кўрсатинглар-чи! Ёки улар осмонлардаги нарсаларни яратишда иштирок этишганми?!». Мушрик кимсалар бу саволларингизга жавоб бера олишмайди. Сабаби, Биз уларга яратишимизга шерик бўлганлари хусусида ҳужжат бўладиган бирор китоб ҳам нозил қилмаганмиз, бунга уларнинг ҳеч бир ақлий далиллари ҳам, ҳужжатлари ҳам йўқ. На ақлий, на нақлий далили бўлмаган одам албатта ёлғон сўзлашга ўтади, бошқаларни турли йўллар билан алдашнии бошлайди. Золим мушриклар сохта “илоҳ”лари, уларнинг ўзларига «фойдалари» ҳақида бир-бирларига фақат алдовни ваъда қилишади, «Бизнинг шерикларимиз катта худо олдида шафоат қиладилар, ундай ёрдам кўрсатадилар, бундай қилиб қўллаб-қувватлайдилар” деб ғурурга солувчи ёлғонларни сўзлашади, холос.
Аллоҳ таоло Ўзига нисбат берилган шерикларнинг ботил эканини фош қилганидан сўнг келгуси оятда Ўз қудратига, яккаю-ягоналигига далилларни зикр қилишга ўтади.

41. Аллоҳ осмонлару Ерни заволга кетишдан ушлаб туради. Агар улар заволга юз тутса, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмайди. У ҳилмлидир, магфиратлидир.
Атрофингиздаги бу бепоён коинотга ибрат назари билан боқинг ва унинг бу қадар нозик тартиб-интизом асосида яратилгани ҳақида фикр юритинг. Бу осмонни ҳеч бир тиргак, асоси бўлмаган ҳолда яратган ва унда қуёш ва ой каби сайёраларни, беҳисоб юлдузларни жойлаб қўйган ким? Қай бир зот Еримизни кометалар ва бошқа осмон жисмлари тўқнашиб кетиши ҳақида ваҳимали фаразлари билан тинмай одамларни хавотирга солаётган айрим олимларнинг тахминига қарши ўлароқ барча осмон жисмларининг аниқ ўлчов асосида ҳаракатланишини дақиқ белгилаб қўйган? Осмонлару ернинг яратилиши,уларнинг йўқдан бор қилиниши ҳақида гапирмай турайлик-да, уларнинг ўз жойида аниқ илоҳий тартиб асосида туриши ҳақида фикр юритайлик. Осмонлар-у, улардаги сонсиз-саноқсиз юлдуз ва сайёралар, Ер ва ундаги нарсалар қандай қилиб маълум тартибда, мутлоқ аниқ низомда ҳаракатланади? Нега улар замона олимлари ваҳима қилаётганидай бир-бири тўқнашиб кетмайди, ҳаракати тезлашиб ёки секинлашиб қолмайди? Нима учун само жисмлари бирор нарсага маҳкамланмаган бўлса ҳам жойида маҳкам, собит турибди? Уз жойларидан бошқа томонга чиқиб, қулаб кетмаяпти? Уларни ким ушлаб турибди? Илм кишилари даъво қилаётганидай, узаро тортишиш кучи”ми? Унда ўша ўзаро тортишиш кучини ким пайдо қилиб қўйган ва бу вазифани унга ким топширган? Бу саволларга жавоб битта: буларнинг бари Аллоҳ таолонинг изни-иродаси билан ўз вазифасини бажармоқда ва илоҳий низом асосида фаолиятла турибди. Уларни қулаб тушишдан ушлаб турадиган ягона зот Аллоҳдир, Ундан бошқа ҳеч бир зот бу улкан коинотни бошқариш, тасарруфида ушлаб туришга қодир эмас. У Ўзининг лутфи-инояти, мағфиратининг кенглиги туфайли ушбу борлиқни мана шундай дақиқ ва махлуқотга қулай қилиб яратган. Шунинг учун ҳам ожиз бандалар Унга нисбатан улкан зулм қилиб, бошқаларни шерик қилишса ҳам ўта ҳалимлиги туфайли уларни жазолашга шошилмайди. Ўша золим бандалар тавба қилишса мағфиратли Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечираверади.

42. Улар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятлироқ бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи билан қаттиқ қасам ичишган эди. Огоҳлантирувчи келганида эса, уларда нафратнигина зиёда қилди;
Маккада яшаб турган мушриклар Аҳли китоблардан бўлмиш яҳудий ва насронийлар тарихидан бироз хабардор бўлишгани учун олдинига уларни ўз динларига амал қилмасликда, ўзларйнинг илоҳий китоблари Таврот ва Инжилга эргашмасликда айблашарди. Бу икки қавмнинг ўзларига огоҳлантирувчи - пайғамбарлар келганидан кейин ҳам йўлдан озиб кетганлари араб мушрикларини ажаблантирар эди. Агар ўзларига бир пайғамбар келганида унга эргашиш, олиб келган таълимотларига бўйсуниш ҳақида лоф уришарди. Улар ўзларича, «Агар бизга огоҳлантирувчи - пайғамбар келса, анавиларга ўхшаб юрмаймиз, ўша пайғамбар келтирган таълимотларга амал этиб, энг ҳидоятли уммат бўламиз» деб қасам ичишар эди. Ушбу оятда араб мушрикларининг ўша қасамлари эслатилиб, сўнгра ўзлари қайси йўлга кириб кетишгани фош этилмоқда. Аллоҳ таоло бошқа умматларга пайғамбар юборганидек, қасам ичиб юрган ўша мушрик арабларга ҳам ўзлари ичидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни огоҳлантирувчи - пайғамбар қилиб юборди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша арабларга Пайғамбар бўлиб келганларида бу нарса мушрик арабларни хурсанд қилмади, аксинча уларнинг нафратини оширди, холос. Пайғамбарга эргашиш ўрнига улар ичган қасамларини ҳам унутдилар, берган ваъдаларини ҳам эсдан чиқардилар. Пайғамбардан, диндан, имондан ва илоҳий Китобдан нафратланганлари учун у зотни инкор қилиб, эргашишни истамадилар, у зот олиб келган илоҳий таълимотларни рад қилдилар ва оқибатда мушрикликда қолиб, икки дунё саодатини бой бердилар.

43. ер юзида мутакаббирликлари ва ёмон макрлари учун. Ёмон макр эса фақат ўз эгасини тутади. Улар фақат олдингиларнинг йўлларига кўз тутишяпти. Аллоҳ суннатининг ҳаргиз ўзгарганини кўрмайсиз, Аллоҳ суннатининг асло алмашганини кўрмайсиз.
Оятда айтилганидай, Аллоҳнинг ҳидоятидан узилган кимсалар ер юзида мутакаббирлик қилиб юришади, ана шу кибрлари ортидан турли макр-ҳийлаларни ўйлаб топишади. Уларнинг кибрлари ва ёмон макрлари борлиги учун ҳатто Аллоҳнинг Пайғамбаридан ҳам нафратланишади. Мутакаббир кимса яхшиларга эргашишдан ор қилади, ўзини ҳаммадан, барча нарсадан, ҳатто Аллоҳнинг амр-фармонларидан ҳам устун кўради. Бу билан у Аллоҳгагина хос сифатларга даъвогарлик қилган, буюк қудрат эгаси Аллоҳга ўзини шерик санаган бўлади. Банда бунга асло ҳақли эмас. Сабаби, банданинг ўзини Аллоҳ яратган, Ер юзидаги барча неъматларини унга Аллоҳ бериб қўйган, инсондаги куч-қудрат, мол-дунё, саломатлик ва ҳаёт ўзича келиб қолмаган, булар ҳам Парвардигор инъоми. Буни тан олмаслик, инкор қилиш эса қаттиқ хатодир, Аллоҳнинг динидан узоқлашишдир. Бундайни эса Аллоҳ «ёмон макр фақат ўз эгасини тутади” демоқда, яъни Ўз оятларини англаш, улардан манфаатланиш ва ҳаётини уларга мувофиқ қуриш бахтидан маҳрум этади. Бу эса бандаларга нисбатан адолатсизлик ёки зулм эмас, балки қилмишларига, ноҳақ кибрларига яраша муносиб жазодир. Мушрикларнинг огоҳлантирувчи - Пайғамбардан нафратланиб, ундан узоқлаб қочишларига сабаб, ер юзида мутакаббирлик ва ёмон макр-ҳийлаларни амалга ошириш эди. Аммо уларнинг Аллоҳ Пайғамбаридан қочишлари фақат ўзларига ёмонлик келтирди. Улардан олдин ўтганларга қандай муомала қилиш одатга айланган бўлса, буларга ҳам шу қонун жорий қилинади. Улар худди шу нарсани, олдингиларга ўхшаб Аллоҳнинг ғазабига учрашларини, ҳалокатга йўлиқишларини кутишмоқда, холос. Чунки илгари ўтганлардан қолган суннат - қонун шудир. Аллоҳнинг суннати ўрнига бошқа тартибларни йўлга қўйиб бўлмайди. Аллоҳнинг суннати қадимдан кофирларнинг жорий тартиб-қоидаларини йўқотиш бўлган. Демак, бу кофирлар ҳам ҳалок бўлишади. Буларга келганда, Аллоҳнинг суннати ўрнига бошқа тартиб-қоидаларни жорий қилиб ҳам уларни ҳалокатдан қутқариб қола олмайсизлар.

44. Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Ҳолбуки, ўшалар булардан кўра қувватлироқ эдилар. На осмонларда ва на Ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмайди. У билимлидир, қудратлидир.
Инсоният тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Аллоҳ инсонларни Ўзининг тавҳидига чақириш учун улар ичидан танлаб олган раҳнамоларни - пайғамбарларни рисолатни ёйиш учун Ер юзига юбориб турган. Барча пайғамбарлар ягона Аллоҳга сиғинишга, яъни тавҳидга чақиришган. Бунга Қуръони каримнинг кўпгина оятлари далолат қилади. Ислом ўз моҳиятига кўра, Нуҳ алайҳиссалом замонларидан то пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломгача келган барча пайғамбарларнинг рисолатидир. Аммо инсониятнинг жуда оз қисми уларга эргашган. Гумроҳ ва сўқир кимсалар Аллоҳнинг пайғамбарлари даъватига қулоқ солишмади, ҳатто уларни ёлғончига чиқаришди, ўлдиришгача бориб етишди. Ана шундай саркаш, исёнкор, итоатсиз, ношукр қавмлар бу дунёнинг ўзидаёқ турли балою-офатларга, фалокатларга учраб, ер юзидан йўқ қилиб юборилди. Нуҳ қавми пайғамбарлари Нуҳ алайҳиссаломни, Од қавми пайғамбари Ҳуд алайҳиссаломни, «қозиқлар эгаси» Фиръавн эса Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқарган. Самуд қавми пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломни, Лут қавми Лут алайҳиссаломни, «дарахтзор эгалари» бўлмиш Мадян аҳли ўз пайғамбарлари Шуъайб алайҳиссаломни ёлғончи қилишган.
Исломнинг илк даврида мушриклар ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга итоат қилмай, у зот олиб келган ваҳийларни инкор қилишди. Кўриб турибсизки, гумроҳ, ўз фойдасини билмаган қавмлар доимо адашишда бўлган. Ҳамиша шайтон васвасасига учиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан чекинишган. Чунки дунё ҳаётининг роҳат-фароғатлари инсонга чиройли кўрсатиб қўйилган. Шайтон ҳамиша уни йўлдан оздиради. Тоат-ибодатдан, солиҳ амаллардан қайтаради. Улар орасига буғзу-адоват, нифоқ солади. Шайтонга мурид бўлганларнинг қулоқларига пайғамбарнинг даъват ва таклифлари асло кирмайди. Кўзлари Аллоҳ таоло ҳар қадамда кўрсатиб қўйган ибрат, мўъжизаларни кўрмайди. Ноқис ақллари Аллоҳ динининг, Аллоҳ шариатининг исбот талаб этмайдиган олий ҳақиқатларини илғаб олишга ярамайди. Улар бу дунёда Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларни, кенг-мўл ризқларини гўё ўзлари ишлаб топгандай еб-ичиб, ҳатто шукрини қилишмайди. Бу дунёнинг журму исёнларига ғарқ бўлиб, охиратни эсдан чиқаришади. Арзимас мартаба ёки матоҳ дея ўз улуғларига сажда қилишадию, аммо бутун оламларнинг Эгаси, замину коинотнинг ҳақиқий Хожаси, барча мавжудотларнинг Яратувчиси бўлмиш буюк Зотга ибодат қилишга, Унинг амр-фармонларини бажаришга эринишади, ор қилишади, бепарво бўлишади. Бундан ортиқ нодонлик, бундан зиёд гумроҳлик, бунданда осийлик борми?!
Дунё тарихидаги ҳодисалар, қавмлар бошига келган бало-мусибатлар барча уммат ва халқларга ибрат бўлиши керак. Кейинги авлодлар ўзларидан олдин ўтганларнинг қиссасидан ибратланишлари, тажрибаларидан фойдаланишлари лозим. Араб мушриклари бунга амал қилишмади, ўзларидан олдингиларнинг хатоларини такрорлашди. Ҳолбуки, илгари ўтганларнинг бу мушрикларга ўхшашлари ҳалокатга учраб, йўқ қилиб юборилган эди. Араб мушриклари ҳам ўшалардан ўрнак олишса, бўлмасмиди?! Улар ҳозиргилардан ҳам қувватлироқ, бадавлатроқ, имконияти кенгроқ эди. Агар Пайғамбарни инкор қилаётган мушриклар Ер юзини кезиб кўришганда ўтган кофир-мушрик қавмлар яшаган жойларни кўришар ва уларнинг оқибати нима билан тугаганини билишар эди. Куфр ва исён билан дунёдан ўтганларнинг оқибати ҳалокатли бўлганига Ер юзида далиллар кўп, ашёвий ҳужжатлар тўлиб ётибди. Булардан аён бўлиб турибдики, Ер юзидаги бирор жонзот ўта қудратли ва ҳикматли зот бўлмиш Аллоҳ таолони ожиз қолдира олмайди, Унинг илоҳий ҳукмларига қарши чиқа олмайди.

45. Агар Аллоҳ одамларни қилмишларига яраша жазолайдиган бўлса, Ер юзида бирорта жонзотни қўймаган бўларди. Лекин уларни маълум муддатгача кечиктириб туради. Уша ажаллари келганида эса... Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир.
Аллоҳ ҳамиша фақат адолатга, яхши нарсаларга муҳаббат қўйишга даъват этади ва яхши амаллар билангина мамнун бўлади. Унда Аллоҳ нега золимни, қотилни, ўғрини қилмишлари учун тезда жазоламайди? Шунинг учунки, Аллоҳ бизларнинг озод, эркин бўлишимизни истайди. Агар бизларда тўғри ва нотўғри ишлардан, итоат ва гуноҳкорлиқцан бирини танлаш ихтиёри бўлмаганида эркнинг заррача маъноси қолмас эди. Аллоҳ таоло ҳаммани солиҳ ва итоаткор қилиб қўйишга қодир Зот, лекин бунинг учун У бизнинг ихтиёр-эркимизни тортиб олиши керак бўлади. Аллоҳ таолонинг қоидасида ёзилганидай, эрк нақадар аччиқ бўлмасин бахтли қулликдан афзалроқдир. Шу боис Аллоҳ таоло бизни адашадиган, касал бўладиган, изланадиган қилиб қўйди. Бу донолик эса турли ёвузлик, зулмга ҳам йўл қўяди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳтаолоушбу ояти каримада шундай марҳамат қилади:«Агар Аллоҳ одамл арни қилмишл арига яраша жазолайдиган бўлса, Ер юзида бирорта жонзотни қўймаган бўларди. Лекин уларни маълум муддатгача кечиктириб туради. Ўша ажаллари келганида эса... Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир. Шу билан бирга масалага инсоф билан қарасак, эзгуликнинг аслида асос экани, ёвузликнинг эса истисно экани намоён бўлади. Биз ҳаётимизнинг каттагина қисмида соғлом юрамиз, маълум қисқа вақт ичида касал ҳам бўламиз. Шу каби миллионлаб йиллар ҳаёт кечаётган ер курраси учун зилзила - бир неча дақиқагина давом этадиган ҳодиса. Кейин ана шу ҳар бир ҳолатнинг қандайдир яхши томонлари ҳам бор. Касаллик сабрни туғдиради. Азоб руҳнинг мустаҳкамлигини чиниқтиради, бардошли қилади. Зилзила - ер куррасининг улкан ички босимидан чиқувчи ички нафасидир.У ер қатламларини емирилишдан сақлайди, ернинг мувозанатини ушлаб турган тоғларни ўз жойига келтиради. Вулқонлар эса ер қаърида яшириниб ётган бойликларни ва унумдор қатламларни юқорига чиқаради. Урушлар даврида кашфиёт ва ихтиролар кўпроқ бўлади, пенициллин, атом, реактив учоқлар айни уруш пайтида кашф этилган. Илон заҳридан ноёб дорилар олинади, микробдан чечакка қарши эмлашда фойдаланилади. Агар ўлим бўлмаганида, бизлар ҳозир ердаги ўрнимизни эгалламаган бўлардик. Бу дунёдаги ёвузликлар - расмдаги сояга ўхшайди, яқинроқдан қарасанг, худди ортиқчадай туюлади, узоқдан туриб кенгроқ қамров билан назар солсанг суратнинг гўзаллиги кўп жиҳатдан ўша сояга боғлиқ эканини кўрасан. Касаллик-чи? Агар касал бўлмаганимизда соғлиғимизнинг қадрига етармидик? Соғлиқ - бошимизни ўраб турган тож кабидир, уни кўрмаймиз, беморлик пайтидагина қадрлаймиз. Агар хунуклар бўлмаганда гўзаллик нелигини билмай ўтардик. Агар табиий офатлар бўлмаса, ҳаёт жозибасини назардан қочирган бўлардик. Шунинг учун Абу Ҳомид Ғаззолий шундай дейди: «Батаҳқиқ дунёдаги доимий камчиликлар пиёзнинг асосий қисмини ташкил этувчи тўни каби унинг мукаммаллигига далолатдир».

Орқага Олдинга