loader

034. Сабаъ сураси

Қуръони каримнинг ушбу ўттиз тўртинчи сураси Маккада нозил бўлган, 54 оятдан иборат. Сура Еру осмонларнинг ёлғиз яратувчиси ва эгаси Аллоҳ таолога ҳамду сано билан бошланади. Сўнгра унда Аллоҳнинг барча сиру асрорлардан огоҳ экани, Қиёмат куни дунёдаги ҳар бир яхшилик ёки ёмонликнинг мукофот ёки жазосини беражаги, Ҳақ йўлдан адашган кимсалар учун азоблар борлиги ҳақида сўз боради. Сурада Довуд ва Сулаймон алайҳимассалом қиссалари яна зикр қилинади. Унда Аллоҳ таоло ато этган неъматларга ношукрлик қилгани учун улардан маҳрум бўлган Сабаъ (Яман) подшоҳлари қиссаси келгани учун у шу ном билан аталган.
Бошқа маккий суралар каби, бунда ҳам асосан ақида, имон-эътиқод масаласи муолажа қилинади. Хусусан, Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти, ваҳийси, имон ва ўлгандан кейин тирилиш ҳақ эканига ишонч масалаларига алоҳида эътибор берилади. Сурада мушрикларнинг охиратни, ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор этишлари зикр этилиб, уларнинг шак ва шубҳаларига яраша жавоб қайтарилади. Кейин ваҳий ва пайғамбарлик мавзусига ўтилиб, одамларнинг бу икки муҳим масалага муносабатлари баён қилинади. Кофир ва мушрикларнинг шак-шубҳаларига қарши ҳужжат-далиллар келтирилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Ҳамду сано Аллоҳгадир. Осмонлардаги ва Ердаги ҳамма нарса Уникидир. Охиратдаги ҳамду сано ҳам Уникидир. У ҳикматлидир, хабардордир.
Инсон ўзи яшаб турган Ерни ҳам, сон-саноқсиз юлдуз ва сайёралардан иборат оламни ҳам яратган эмас ва ҳеч қачон ярата олмайди. Борлиқ мавжудотни яратувчи Холиқ Аллоҳ таолодир. Шунинг учун Уни мақтаб, ҳамду санолар айтамиз. Борлиқдаги санаб адоғига етиб бўлмайдиган нарсаларнинг ақл лол қоладиган даражада тартиб ва аниқ ўлчов билан низом ва маромга солинганини кўриб, Унга янада кўпроқ мақтов айтамиз, Унга бўлган имонимиз яна ҳам мустаҳкамланади. Бу тартибни «табиат қонунлари» деб ўрганувчи моддиётчи олимлар бу ҳикматнинг тагига ҳеч қачон ета олмайдилар ва охир-оқибатда буларнинг бир Яратувчиси, низомга солувчиси борлигини ва бу Яратувчи, низомга солувчи Аллоҳ таоло эканини, Унинг шериги ҳам, тенги ҳам йўқлигини тан олишга мажбур қоладилар. Қуёш ва Ойнинг, бошқа осмон жисмларининг аниқ ҳисобда ҳаракатланиши ҳам Аллоҳ таолонинг борлиги ва ягоналигига, Унинг ҳар нарсага қодирлигига яққол далилдир. Осмонлару Ердаги ҳамма нарсаларни Аллоҳ таоло инсон фойдаси учун бўйсундирганини англаш у Зотга имон келтириб, ибодат қилишга олиб келади. Аллоҳ таоло ҳар бир ишни ўта ҳикмат билан қилади. Оламлардаги барча сир-асрорлардан ўта хабардордир. Шунингучун ҳам Аллоҳ азза ва жалла бандаларнинг, барча махлуқотнинг ҳамду саносига, шукрига муносиб Зотдир.

2. У ерга кирадиган нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган нарсаларни ҳам, осмондан тушадиган нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган нарсаларни ҳам билади. У раҳмлидир, мағфиратлидир.
Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик қудратига инсоннинг тан бермай иложи йўқ. У ерга кирадиган ва ундан чиқадиган нарсаларни ҳам, осмондан тушадиган ва унга кўтариладиган нарсаларни ҳам билади. У Зот инсонларнинг роҳатланиши, ҳайвонотнинг озиқланиши учун қора тупроқдан гулу гиёҳларни ундириб чиқарди. Тириклик манбаи саналмиш ҳаво, сув ҳам Аллоҳяратган ва берган неъматдир. Дунёдаги барча сувлар аччиқ ва шўр бўлганида дунё ҳоли нима кечарди? Олов неъматисиз ҳам ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳнинг яратиши билан бутун олам йўқдан бор бўлди. Инсонлар мана шу борлиқни ўрганиб-англашга салоҳиятли қилиб яратилди. Бизнинг сўзлашимиз, кўришимиз, эшитишимиз, ҳид сезишимизнинг барчаси мўъжизадир. Ҳар биримизнинг танамиз, бошимиз, қўл-оёғимиз - бутун ички ва ташқи аъзоларимиз ўзаро мутаносиб, мукаммал этиб яратилган. Юрагимизнинг бир маромда уриб туриши ҳам Аллоҳнинг борлигига, беқиёс қудратига далолатдир. «Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз». Агар банда оят-аломатларга тафаккур билан қараса, ишончи ва маърифати ортади. Аллоҳ таоло ерга кираётган нарсаларни - ўлган инсоннинг танасими, ўсимлик уруғи ёки кўзга кўринмас заррами - ҳаммасини билади. Аллоҳ таоло ердан чиқаётган шиддатли вулқонлар, ҳар хил кону маъданлар, турли ўсимликлар ёки кўзга кўринмас зарраларни ҳам - ҳамма-ҳаммасини билади. Шунингдек, у осмондан тушадиган ёғин, чақмоқ, юлдуз, фаришта, жин каби нарсаларнинг ҳаммасидан хабардор. Аллоҳ азза ва жалла ўта раҳмли, гуноҳларни кечирувчи бўлганидан бандаларининг хато-нуқсонларини, гуноҳ-маъсиятларини кўриб-билиб турса ҳам уларни жазолашга шошилмайди, тавба қилишлари, гуноҳлари мағфиратини сўрашлари учун уларга имкон ва муддат бериб қўяди.

3. Куфр келтирганлар: «Бизларга қиёмат келмайди», дейишди. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Йўқ, ғайбни билувчи Парвардигоримга қасамки, у сизларга албатта келади. Осмонлару Ердаги бир зарра вазнича, ундан кичик ҳам, катта ҳам нарса Ундан яширин қолмайди: ҳаммаси очиқ Китобдадир».
Куфр келтирган кимсалар қиёматнинг келишини ва муҳлатини тасаввурларига сиғдира олишмайди, унинг келмаслигини дил-дилдан исташади. Чунки улар қиёматда ҳолатлари жуда ёмон бўлишини ҳис қилиб туришади, унга ҳеч қандай тайёргарлик кўрмаганларини яхши билишади. Шунинг учун буни осонгина инкор қилиб қўя қолишади. Аммо улар ўзларининг бу асоссиз даъволарига ҳеч қандай далил-ҳужжат келтира олишмайди. Энг майда заррани ҳам билиб турувчи Парвардигор учун қиёматни келтириш асло қийин эмаслигини билганларида қиёматга бундай шубҳа билан қарашмас эди.
Қадимги даврларда “атомизм назарияси” деган тушунча кенг тарқалган эди. Бу назария юнонлар, аниқроғи, бундан йигирма уч аср илгари яшаган Демокрит исмли олим томонидан илгари сурилган. Демокрит ва ундан кейин яшаб ўтган олимлар материянинг энг кичик бўлаги атом деб ҳисоблаб келишган. Қадимги араблар ҳам шу фикрда бўлишган. Арабча “зарра” сўзи одатда атом маъносини билдиради. Яқин ўтмишда замонавий илм-фан ҳатто атом ҳам бўлиниши мумкинлигини кашф этди. Атомнинг янада майдароқ бўлакларга ажралишининг аниқлангани йигирманчи аср муваффақияти деб ҳисобланди. Ўн тўрт аср илгари бу тушунча ҳатто оддий араб кишиси учун ҳам ғайриоддий эди. Унингучун заррадан пастроқ даражани тасаввур қилишнинг ўзи бўлмасди. Шундай бўлса-да, юқоридаги қуръоний оят бу чекловни рад этарди: “Куфр келтирганлар: «Бизларга қиёмат келмайди», дейишди. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Йўқ, ғайбни билувчи Парвардигоримга қасамки, у сизларга албатта келади. Осмонлару Ердаги бир зарра вазнича, ундан кичик ҳам, катта ҳам нарса Ундан яширин қолмайди: ҳаммаси очиқ Китобдадир».
Ушбу оят Аллоҳнинг шомил, мукаммал илмига далолат қилади, Унинг ҳамма нарсани, яширин-у ошкора бўлсин, барчасини билиб туришини англатади. Бу оят яна айтадики, Аллоҳ барча нарсадан, жумладан, атом (зарра)дан кичикроқ ёки каттароқ нарсалардан ҳам хабардордир. Шундай қилиб, ушбу оят атомдан кичикроқ нарсалар ҳам мавжуд эканини очиқ айтмоқда. Замонавий илм эса бу далилни фақатгина яқин ўтмишда кашф қилди. Озгина таафаккур қилган киши қиёматнинг албатта келишига шубҳа қилмайди. Чунки биз яшаб турган дунё вақтинчалик бир мусофирхона, бир куни келиб ундаги ҳамма нарса: тўкин ҳаёт ҳам, гўзал шаҳар-қишлоқлар ҳам, гўзал боғлару ўйин-кулгилар ҳам бари тугайди, йўқликка кетади. Ана шу фоний, бақосиз нарсалар ва имкониятлар мажмуасининг вақти келиб, тугаши эса қиёмат кунидир. Донишмандлар “Қиёматнинг келиши энг катта адолатдир, агар у бўлмаганида ер юзи жабр-зулм ва ҳақсизликларга, адолатсизлик ва бузғунчиликларга тўлиб кетган бўларди. Адолат юзасидан ўйлаб кўрилганда ҳам, қиёмат қойим бўлиши айни заруратдир. Бу дунёда турли-туман одамлар - кофир ва мўмин ҳам, мушрик ва муваҳҳид ҳам, осий ва тақводор ҳам, мунофиқ ва мухлис ҳам, золим ва мазлум ҳам яшайди. Ҳеч бири бу дунёда қилмишига яраша тўлиқ мукофот ёки жазони олмаган, олмаяпти ва олмайди ҳам. Ҳар ким амалига яраша аниқ мукофот ёки жазо олмаслиги адолатданми? Осий осийлигини қилса-ю, жазосини тортмай, ўлиб, тупроққа қўшилиб, қутулиб кетаверса! Тақводор умр бўйи тақво қилса-ю, ҳеч бир мукофот олмай, у ҳам тупроққа қоришиб кетаверса! Демак, адолат юзасидан ҳам қиёмат қойим бўлиши керак! Унда ҳар бир инсон ўзининг заррача миқдордаги гуноҳи ёки савобига яраша жазо ёки мукофотини олиши керак.
Ҳар доим бўлганидай Араб жазирасида яшайдиган бир гуруҳ золим, фосиқ, нафсу ҳавосига қул бўлган кимсалар Пайғамбар алайҳиссаломга таъна билан ўзларига қиёмат келмаслигини иддао қилишди. Ҳар доимгидек, улар ҳам ўзларига ўхшаш кофирларнинг маълум ва машҳур сафсаталарини такрорладилар. Аллоҳ таоло Ўзининг севимли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, қуйидагиларни айтишни буюрди: «Йўқ, ғайбни билувчи Парвардигоримга қасамки, у сизларга албатта келади. Ҳамма нарса, жумладан қиёматнинг келиши ҳам «Лавҳул-Маҳфуз» деб номланган очиқ китобда битилгандир. Эй кофирлар, сизга кўринмаётган қиёматни инкор қилманг. Сиз кўрмаган ва билмаган нарса аслида йўқ дегани ҳам эмас. Дунёда сиз билгандан кўра билмаган нарса кўп. Демак, қиёматнинг қачон келиши ноаниқ экани унинг қойим бўлмаслигига далил эмас. Ҳа, қиёмат албатта қойим бўлади. Унинг қачон бўлишини эса Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

4. Бу имон келтирган ва яхши амаллар қилганларни мукофотлаш учундир. Ана шуларга мағфират ва карамли ризқ бордир.
Аллоҳ таоло имон келтириб, ҳаётида солиҳ амаллар, эзгу ишларни қилиб ўтганларни мукофотлаш учун ҳам қиёматнинг қойим бўлишини ирода қилган. Қиёматнинг келиши ўта муҳим заруратдир. Бу дунёда имон келтириб, имонини асраш учун роҳат-фароғатидан кечган, бор куч ва имкониятларини, маблағи ва вақтини яхши амаллар қилишга сарфлаган инсонлар кўп. Фақат Аллоҳ биладиган ҳикматга кўра, улар қилган яхши амалларининг мукофотини бу дунёнинг ўзида олмасликлари мумкин. Шунинг учун ҳам имон келтириб, ҳаётини солиҳ амаллар, хайрли ишлар билан безаб ўтган инсонларни муносиб тақдирлаш учун қиёматнинг бўлиши муҳим заруратдир. Қиёмат қойим бўлганида уларга Аллоҳ таоло томонидан мағфират, карамли ризқ ато қилинади. “Карамли ризқ” деганда фақат моддий неъматларнинг ўзигина тушунилмайди, балки маънавий неъматларни ҳам ўз ичига олади. Аллоҳ таолонинг бандага имон, ҳидоят, имконият бериши, тўғри йўлни кўрсатиб қўйиши энг гўзал неъматлардир. Бунга қўшимча Парвардигорнинг банда йўл қўйган хато ва гуноҳларни кечириши Унинг инсонга кўрсатган энг буюк марҳаматидир. Имон келтирган ва яхши амал қилган кишиларнинг гуноҳлари кечирилади ва улар жаннатга киритилишади.

5. Оятларимизни ожиз қолдириш учун ҳаракат қилганларга эса аламли азоб жазоси бордир.
Яъни, қиёматнинг келиши шунингучун ҳам зарурдирки, унда Аллоҳ таоло мўмин бандаларига яхши амаллари учун мукофот, кофир кимсаларга эса зулм ва ёвузликлари эвазига муносиб жазо беради. Хусусан, Қуръони каримни ёлғонга чиқариш учун ҳаракат қилганлар, куч-ғайрат сарфлаганларга қиёматда жуда қаттиқ азоб берилади. Агар қиёмат бўлмаганида бу дунёда кофирликда юриб, бу ҳам етмагандай одамларни Аллоҳнинг оятларидан, Унинг динидан тўсиб ўтганлар муносиб жазоларини олмай, қутулиб кетган бўлишар ва бу дунёдаги энг катта адолатсизликка сабаб бўлар эди. Қиёмат қойим бўлиши ҳақидаги турлича гаплар одамларнинг у ҳақдаги хабарга муносабатларидан келиб чиққан. Пайғамбар соллаллоху алайҳи васалламга ва у зотга туширилган ваҳийга ишонганлар қиёматга ҳам ишонишади, у зотга ва илоҳий ваҳийга ишонмаганларлар қиёмат соатининг яқинлигига ва унинг келишига ҳам ишонмайдилар.

6. Илм берилганлар Парвардигорингиздан сизга нозил қилинган нарсанинг ҳақ эканини, қудратли ва мақталган Зотнинг йўлига бошлашини билишади.
Қудратли ва мақталган Зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг йўли Унинг бандалари учун белгилаб қўйган, инсонларга атрофини ўраб турган борлиқ билан уйғун ҳолда ҳаёт кечириш имкониятини берган имон ва ҳидоят йўлидир. Эй Пайғамбарим, Аллоҳ таоло томонидан илм берилган зотлар, масалан, яҳудий олимларидан Абдуллоҳ ибн Салом каби ҳақиқий имон эгалари сизга Парвардигорингиздан нозил қилинган Қуръон Аллоҳ таолонинг - ҳамманинг устидан ғолиб ва барча махлуқот томонидан мақталган Зотнинг йўлига ҳидоят қилади, деб билишади.

7. Куфр келтирганлар эса айтишади: «Парча-парча бўлиб титилиб кетган пайтингизда янгитдан яратилишингизнинг ха-барини бераётган кишини сизларга кўрсатайликми;
Макка мушриклари Аллоҳ таолонинг Пайғамбарини калака қилиш учун у зотга ишора қилиб, бир-бирларига: “Манави одам сизлар ўлгач, жуссангиз парча-парча бўлиб титилиб кетганда яна қайтадан тирилишингизни айтяптими? Бунинг гапига асло ишонманглар, ўлган киши қайтадан тирилармиди?” дейишарди. Қурайш сардорлари ишончли ва омонатдор бўлган Аллоҳнинг Пайғамбарини тўғридан-тўғри ёлғончига чиқаришса, бунга ҳеч ким ишонмаслигини яхши билишарди. Шунинг учун улар Пайғамбарни ёлғончига чиқариш учун қабиладошларига охиратнинг бўлиши, инсонларнинг ўлгандан кейин қайта тирилиши ҳақидаги таълимотларни ёлғонга чиқаришни режалашди.

8. у Аллоҳ шаънига ёлғон тўқидими ёки унда жиннилик борми?» Йўқ! Охиратга имон келтирмайдиганлар азобда ва бутунлай адашувдадирлар.
Қурайш мушрикларининг илоҳий ваҳийларни ёлғонга чиқаришдаги интилиши, ҳаракати шунчалар кучайиб кетдики, улар Аллоҳнинг Пайғамбарини ёлғон тўқийдиган субутсиз одамга ёки мажнунга чиқаришдан ҳам уялишмади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз рисолатини ёйишда қавмидан кўп озор ва азиятлар кўраётган Пайғамбарига тасалли бериб айтяптики, эй Пайғамбарим, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилган нарсага, яъни Қуръони каримга кофирлар ишонишмайди. Ундаги хабарларга, жумладан, ўлгандан кейин қайта тирилишга ҳам имон келтиришмайди, аксинча, бу хабарни истеҳзо билан қарши олишади. Ўзларининг айтганларини исботлаш учун сизни одамлар ичида масхара қилиб, турли бўҳтон гапларни тарқатишади. Улар инсон вафот этиб, қабрга кўмилганидан кейин унинг қайта тирилишига ишонмаганлари туфайли бу гапларни ёлғонга, уни айтган Пайғамбарни жиннига чиқаришдан тап тортишмайди. Кофирларнинг бу гаплари мутлақо нотўғри, сиз Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиётганингиз ҳам йўқ, сизда мажнунлик ҳам йўқ. Уларнинг “ўлгандан сўнг қайта тирилиш йўқ” деган иддаоларига қарши ўлароқ қайта тирилиш албатта бўлади. Улар қайта тирилиш кунида қаттиқ азобда қолишади. Шундай бўлгач, улар нега қайта тирилиш ҳақидаги Бизнинг ваҳийларимизни инкор қилишади?!

9. Ахир улар осмону Ердаги: олдларидаги ва ортларидаги нарсаларни кўришмайдими?! Агар хоҳласак, уларни ерга юттириб юборамиз ёки устларига осмондан парчалар туширамиз. Бунда Унга қайтувчи ҳар бир банда учун аломат бордир.
Қиёмат ва охират дунёсининг бўлишини, охиратдаги қайта тирилишни ёлғонга чиқариш билан инкор этаётган кофирлар осмону Ердаги, олдиларию ортларидаги нарсаларга назар солишмайдими? Ўзларини йўқдан бор қилган Зот учун махлуқотларини қайта тирилтириш қийин бўлармиди?! Агар улар ўзларининг бу нодонликлари туфайли Парвардигорларининг қаттиқ балоси ва азобига гирифтор бўлишларини ўйлашмайдими? Агар Аллоҳ таоло истаса, бу жоҳил кимсаларни ерга ютдириши ёки осмондан устларига тошларни ёғдириб қўйишга ҳам қодир-ку! Ўша куфр келтираётганлар атрофларига ибрат назари билан боқишмайдими, уларнинг тўрт тарафида Аллоҳ таоло ўлганларни қайта тирилтиришга қодир эканига, бу иш Унга жуда осонлигига далил-ҳужжатлар тўлиб ётибди-ку! Агар ақллари ишламаётган бўлса, Аллоҳтаоло уларнинг кўзларини очиб, ҳушларини жойига келтириб қўйиши ҳам мумкин. Агар улар инсоният тарихига назар солишса, қанчадан-қанча қавм ва халқлар жоҳиллиги, куфр-исёни учун Аллоҳ таоло томонидан жазоланганига гувоҳ бўлишарди. Ҳозирги пайтда ҳам бутун-бутун шаҳар-қишлоқларнинг бир лаҳзада вайрон бўлиб ёки ер қаърига кириб кетиши, тўфон, довул, зилзила каби офат-балоларнинг кўп бўлаётгани, булар оқибатида минглаб одамларнинг ҳалок бўлаётгани ҳам инсонларнинг Аллоҳга осийликлари, исёнлари учун берилаётган илоҳий жазодир.

10. Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик: «Эй тоғлар ва қушлар, у билан бирга тасбеҳ айтинг!». Унга темирни юмшоқ қилиб қўйдик.
Довуд алайҳиссалом Аллоҳга итоатли ва ибодатли бандалардан бўлгани учун Аллоҳ таоло у кишига Ўзининг жуда кўп фазл-марҳаматларини берди. Аллоҳ томонидан Довуд алайҳиссаломга пайғам-барлик ато этилгани, илоҳий китоб бўлмиш Забур нозил қилингани, тоғлар ва қушлар унга хизматкор қилиб қўйилгани, темирни юмшатиб бергани ва бошқа нарсалар Аллоҳ таоло Довуд алайҳис-саломга берган фазллар қаторига киради. Улардан баъзилари ушбу оятда зикр қилинмоқда. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга шунчалар хуш овоз ато этган эдики, агар у киши Забурни қироат қилса, қушлар учишини тўхтатиб, унинг ёнида жўр бўлиб сайрашарди, бирга тасбеҳ айтишарди. Унинг тасбеҳига тоғлар акс-садо берарди. Яна Парвардигор ҳазрати Довудга темирни хамирдек юмшоқ ва мулойим қилиб берди. Довуд алайҳиссалом қўл кучи билан топган маблағдан оила нафақасини қиларди. Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Ҳеч ким ҳеч қачон ўз қўли билан топган таомдан яхшироқ таом еган эмас. Аллоҳнинг набийи Довуд алайҳиссалом ўз қўли билан топганидан ер эди», дедилар» (Бухорий ривояти).

11. «Совутлар ясагин ва ҳалқаларини бириккан қилгин. Солиҳ амал қилинглар. Мен қилаётган амалларингизни албатта кўриб тураман».
Яъни, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга урушларда ишлатиладиган совут ясаш ҳунарини ҳам таълим берган, «Ўзингга берилган хамирдек юмшоқ темирдан совут ясагин. Ўша совутларнинг ҳалқаларини бир-бирига бириккан қилгин», деган. Довуд алайҳис-саломгача совут бир бутун яхлит ҳолида ясалар экан. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга илҳом бергач, совутни ҳалқалардан улаб, кийим шаклида қиладиган бўлган эканлар. Айни пайтда Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом ва у кишининг аҳлларига Ўзининг берган фазлу марҳаматига жавобан солиҳ амаллар қилишни ҳам амр этган. Парвардигори Довуд алайҳиссаломга яна шариат илмини пухта билиш ва ибодатда чарчамаслик неъматини ҳам берган эди. У киши кечалари ибодатда бедор бўлар, йилнинг ярмини рўзадор ҳолда ўтказарди, яъни бир куни рўза тутиб, эртасига оғзи очиқ бўлар эди. Бундай тартибда рўза тутиш мусулмонлар орасида “Довуд алайҳис-саломнинг рўзаси” номи билан машҳур. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга менинг: «Модомики, тирик эканман, кечасини қойим, кундузини соим (рўзадор) бўлиб ўтказаман», деганим ҳақида етказилибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу гапни айтган сенмисан?» дедилар. «Ҳақиқатан буни айтдим, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. «Сен бунга қодир бўла олмайсан; рўза ҳам тут, оғзи очиқ ҳам бўл, ухлагин ҳам, бедор ҳам бўл. Ҳар ойдан уч кун рўза тут, чунки бир яхшилик ўн мислининг баробаричадир. Ана шу бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади», дедилар. «Бундан ортиғига ҳам тоқатим етади», дедим. «Ўнда бир кун рўза тутиб, икки кун оғзи очиқ юр», дедилар. «Бундан ортиғига ҳам тоқатим етади», дедим. «Унда бир кун рўза тут, бир кун оғзи очиқ юр. Бу Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир ва бу энг афзал рўзадир», дедилар. «Бундан ортиғига ҳам тоқатим етади», дедим. «Бундан ортиғи йўқ!» дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Довуд алайҳиссалом кунларини учга тақсимлар, бир қисмини подшоҳлик ишларига, иккинчи қисмини Аллоҳга ибодат қилишга, учинчи қисмини аҳли-оиласига бағишларди.
Ривоят қилинишича, Луқмони ҳаким бир куни Довуд алайҳис-салом ҳузурига келди. Довуд алайҳиссалом совут, зирҳли кийим тайёрлаш билан машғул эди. Луқмон ҳаким шу вақтгача бунақа кийимларни кўрмаган эди. Шунинг учун унинг қандай кийимлигини сўрамоқчи бўлдию аммо сабр қилиб, кийим тайёр бўлишини кутиб турди. Ҳазрати Довуд кийимни битказиб кийиб олди ва хурсанд ҳолда Луқмон ҳакимга: “Кўрдингизми, Луқмон, қандай хушбичим жанг кийими тайёрладим”, деб фахрланди. Бу гапдан Луқмон ҳаким ҳазрати Довуд тайёрлаган кийимнинг нимага ишлатилишини билиб олгач, ўзига ўзи: «Сукут қандайин буюк ақллилик, доноликдир», деди.

12. Сулаймонга эса шамолни. Унинг эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булогини оқизиб қўйдик. Жинлардан Парвардигорининг изни билан унинг қўл остида ишлайдиганлари бор эди. Улардан ким амримиздан чиқса, унга дўзах азобини тоттирамиз.
Ушбу ояти каримада Довуд алайҳиссаломнинг ўғиллари Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ берган неъматлар ҳақида сўз кетмоқда. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга пайғамбарлик, ҳикмат ва подшоҳликка қўшимча, яна кўпгина фазл-марҳаматларни ҳам берган эди. Энг аввало Аллоҳ таоло Ўз фазли билан шамолни у кишига бўйсундириб қўйган эди. Бу шамол шунақанги тез эдики, эрталаб кетишида бир ойлик, кечқурун қайтишида яна бир ойлик масофани босиб ўтарди, яъни бир кунда икки ойлик йўлни босарди. Довуд алайҳиссаломга темирни юмшатиб, ишлашга осон қилиб қўйган Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга мис булоғини оқизиб қўйди. У киши мисдан ҳеч бир қийинчиликсиз хоҳлаган нарсаларини ясайдиган бўлдилар. Бу ҳам у кишига берилган Аллоҳнинг катта неъмати эди. Яна Парвардигор Ўз изни билан жинларни Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундириб, хизматкор қилиб берди. Ўша жинлар Сулаймон алайҳиссаломга хизмат қилиш ҳақидаги Аллоҳнинг амридан чиқа олишмас эди. Чунки улардан қай бири Аллоҳнинг амридан чиқса, унга дўзах азобини тоттиришни ваъда қилган эди. Сулаймон алайҳиссалом отаси Довуд алайҳиссалом каби қўл меҳнатидан қочмас эди. Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: «Сулаймон алайҳиссалом одамларга минбарда хутба қилаётганларида қўлларида хурмо дарахтининг новдалари бўлар эди, ундан сават ёки шунга ўхшаган бирон нарса ясаб турардилар. Агар тўқиб бўлсалар, бир кишига бериб: «Бозорга олиб бориб, сотиб кел», дер эдилар.

13. Улар унга меҳроблар, тимсоллар, ҳовузлар каби лаганлар ва мустаҳкам қозонлардан хоҳлаганини ясаб беришар эди. Эй Довуд оиласи, шукр қилинглар! Бандаларимдан озчиликкина шукр қилувчилардир.
Аллоҳ таоло томонидан Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундириб қўйилган жинлар у кишига меҳробли ибодатхоналарни, тимсоллар, яъни турли нарсаларнинг ҳайкалларини, ҳовузлар каби улкан лаганларни, тоғдай собит ва зилзамбил қозонларни ясаб беришар экан. Балки ҳозирги замон ўқувчисига булар сал муболағали туюлиши мумкин, лекин ўша пайтда жинлар булардан ҳам қийинроқ ишларни бажаришга қодир бўлишган. Шунингдек, одамлар бажара олмайдиган бундай ишларни қиладиган жинлар Сулаймон алай-ҳиссаломга мўъжиза сифатида кўрсатилган бўлиши ҳам мумкин. Тоғдай маҳобатли ва силжитиб бўлмайдиган қозонларни Сулаймон алайҳиссаломга ясаб бериш ҳам жинларнинг вазифасига кирар эди. Улар Сулаймон алайҳиссалом буюрган ҳар қандай ишни бажариб беришар эди. Бу эса Аллоҳ таолонинг Довуд алайҳиссалом хонадонига берган улкан неъмати эди. Шунинг учун Аллоҳ уларга хитоб қилиб: “Эй Довуд оиласи, шукр қилинглар!” деяпти. Довуд алай-ҳиссаломга ва унинг хонадонига Парвардигори қанчадан-қанча неъматларини берди. Улар эса ушбу неъматларга шукр қилишлари лозим. Банда Аллоҳнинг неъматларига ношукрлардан бўлмаслиги керак. Уларнинг қадрини билиб, буни ато қилган Зотга тинимсиз шукр айтиши лозим. Неъматга шукр эса неъмат берувчига ҳамду сано, мақтов сўзларини айтиш ва ўша неъматларни неъмат берувчининг розилиги йўлида сарфлаш билан бўлади. Дунёда неъмат берувчи Зот Аллоҳ таолонинг ягона Ўзидир. Бандалар доимо Аллоҳ таолога ҳамду сано айтишлари, У Зотнинг неъматларини Ўзининг розилиги йўлида сарфлашлари керак. Оятдаги «Бандаларимдан озчиликкина шукр қилувчилардир” жумласи Аллоҳнинг берган неъмат ва атоларига жуда оз киши шукр қилишини англатади. Ибн Жу-дъон ривоят қилади: “Ҳазрати Умар розиялл оҳу анҳу бир кишининг “Парвардигоро, мени озчилик қаторида қилгин!” деб дуо қилаётганини эшитиб, “Ҳой Аллоҳнинг бандаси, озчилик деяётганинг кимлар?” деб сўрадилар. Ўша киши “Аллоҳ таолонинг «Бандаларимдан озчиликкина шукр қилувчилардир” каби оятларни биламан”, деди ва бошқа бир неча оятларни зикр қилди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу “Ҳар қандай одам Умардан билимлироқ”, деб қўйди”.
Аллоҳ таолонинг Сулаймон алайҳиссаломга жинларни хизматкор қилиб бергани ҳақидаги хабарда жинларни улуғловчиларга, уларга ибодат қилувчиларга, «Жинлар ҳамма нарсага қодир» деб эътиқод этувчиларга, жумладан, араб мушрикларига қарши катта зарба бор эди. Келаси оятда ўша зарба янада қаттиқроқ берилади:

14. Биз унга ўлимни ҳукм қилганимизда ҳассасини кемираётган ёғоч қуртигина унинг ўлимига уларни далолат қилди. У йиқилгачгина жинларга аён бўлдики, агар улар ғайбни билишганда хорловчи азобда қолмаган бўлишарди.
Аллоҳ таоло томонидан Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундириб қўйилган жинлар ғайбни билиш даъвосини ҳам қилишар эди. Аллоҳнинг амрига кўра Унинг пайғамбарига қуллардай ишлатиб юрилган жинлар ғайбни билиш уёқда турсин, кўз ўнгиларида содир бўлаётган ишлардан ҳам бехабарликларини фош этиб қўйишди. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонини у киши жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига (ҳассаларига) суяниб турганларида олган. Жинлар эса Сулаймон кузатиб турибди, деб қўрққанларидан машаққатли ишларида давом этаверишган. Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони ея бошлаган. Қурт асони маълум миқдорда еганидан кейин асонинг таянч нуқтасига путур етиб, жойидан сурилган ва Сулаймон алайҳиссаломнинг жуссалари ерга йиқилган. Шундагина жинлар ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етганлар. Ана шундагина жинларга ғайбни билишганида бунчалик хорловчи азобда қолмасликлари маълум бўлди. Ҳолбуки, барча даврларда айрим кишилар жинларни ўта қудратли, ғайб илмидан хабардор деган хаёлда ўша ожиз жинлардан қўрқиб, уларга сиғиниб юришибди.

15. Дарҳақиқат, сабаъликлар учгун ўз масканларида аломат - ўнг ва чапда икки боғ бор эди: «Парвардигорингизнинг ризқидан енглар ва Унга шукр қилинглар! Покиза шаҳрингиз ва мағфиратли Парвардигорингиз бор».
“Сабаъ” сўзи аслида Яман подшоҳлари аждодларидан бирининг номи. Бу ердаги “Сабаъ”дан мурод, қабила ёки турар жой номидир. Ушбу қабила Яман пойтахти Санъо шаҳрида уч кунлик йўл узоқлиқда жойлашган Маърабда яшарди. Улар боболари Сабаъ ибн Яхшаб ибн Қаҳотоннинг исми билан «Сабаъ қавми», «сабаъликлар» деб аталган. Улар ҳосилдор ерларга эга бўлишган, бошқа қавмлардан анча тараққий этишган, тўғонлар қуриб, сув тўплаш, ўз фойдаларига ишлатиш йўлларини ҳам яхши билишган. Сулаймон алай-ҳиссалом билан учрашган ва имонга келган малика ҳам шу юртдан бўлган. Сабаъ қабиласининг масканларида Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига далолат қилувчи аломатлар очиқ-ойдин кўриниб турарди. Аллоҳ таоло бу қавмга бири ўнг томонда, иккинчиси чап томонда бўлган икки гўзал, серҳосил ва муҳташам боғни ато этган эди. Сўнгра Аллоҳ таоло солиҳ инсонлар тилидан уларга қарата шундай деди: “Парвардигорингиз берган ризқ-рўздан баҳараманд бўлинглар ва Унга шукр айтинглар!”. Чунки сизлар яшаётган шаҳар покизадир, унда сизларга зарур бўлган ҳамма нарса муҳайё қилинган. Чунки Аллоҳтаоло сизларга меҳрибон ва гуноҳларингизни кечирувчи Зотдир. Шу боис, Аллоҳ ато этган неъматларга кўп-кўп шукр қилинглар! Аммо сабаъликлар Парвардигорларининг амрларни қабул қилишмади.

16. Улар юз ўгиришди. Шунда устларига сел тўғонини очиб юбордик, боғларини эса аччиқ мевали, юлғунзор ва сийрак бутали «боғлар»га айлантирдик.
Сабаъликлар неъматлар ичида яшаб, бунга шукр қилишмади, такаббурлик қилиб, Аллоҳнинг амридан юз ўгиришди. Панд-насиҳатни инобатга олмай, Аллоҳнинг неъматларини инкор қилишди. Оқибатда Аллоҳ бу қавмнинг устига ҳалок қилувчи селни юборди ва мевалари ғарқ пишиб ётган машҳур боғлар шип-шийдам бўлиб қолди. Катта харсангтошларни оқизиб келган кучли сел улар қурган «Садди Маъраб» номли машҳур тўғонларини бузиб кетди. Натижада асов оқим йўлида учраган ҳамма нарсани ювиб кетди. Қуръони карим оятларини тадаббур билан ўрганувчилар зикр қилинаётган ҳодисадан ношукрликнинг оқибати қандай тугашини яхши тушуниб олади. Уламолар ояти каримадаги “сел тўғони” деб ўгирилган «арим» сўзининг «катта тошларни оқизиб келадиган кучли сел» деган маъноси борлигини айтишган. Сел балосидан кейин Аллоҳ таоло сабаъликларнинг боғларидаги сархил мевали дарахтлар ўрнига сидр буталарини ўстириб қўйди. Яъни, ўнг ва сўл тарафдаги турли-туман меваларга кон, сўлим икки гўзал боғни бебарака, аччиқ мевали икки боққа айлантирдик. Унда бир озгина сидр ҳам ўсади. Аслида юлғунзор, бутазор ва сидрзорлар «боғ» дейилмайди, бу ўринда улар киноя билан «боғ» дейилмоқда. Сабаъликларнинг ношукрликлари сабабли мевали боғларини сел олиб кетиб, кунлари бутазорга қолди. Ширин-шакар мевалар ўрнини аччиқ-тахир нарсалар олди. У ердаги энг яхши нарса яккам-дуккам сидр бўлиб қолди.

17. Кофир бўлганлари учун уларни шундай жазоладик. Биз кофирлардан бошқасига жазо берармидик!
Илоҳий ваҳийларнингҳақлигини билган ҳолда уларни инкор қилиш, Парвардигорнинг ато қилган неъматларга шукр келтирмаслик энг катта куфр ва золимликдир. Аллоҳ таоло сабаъликларни ана шу гуноҳлари учун юқорида тилган олинган офат билан жазолагани хабарини беряпти. Ҳақиқатан улар гўзал юртда, ноз-неъматлар ичида, чиройли ва серҳосил боғларда роҳат-фароғатда ҳаёт кечиришаётган эди. Бундай гўзал ҳаётнинг бардавом бўлиши учун Аллоҳга шукр келтиришлари зарур эди. Аммо улар шукр қилмай, куфрони неъмат бўлишди. Оқибатда гўзал юртлари хароб бўлди, ноз-неъматлар завол топиб, ўрнига очлик, қаҳатчилик, муҳтожлик келди. Чиройли ва сермева боғлар ўрнида кўримсиз, мевасиз бутазорлар пайдо бўлди. Аллоҳ таоло кофир қавмларни мана шундай жазолайди!

18. Биз улар билан Ўзимиз баракали қилган шаҳарлар орасида кўринарли қишлоқлар пайдо этиб, улар орасидаги юришни ўлчовли қилганмиз: «Уларда кечалари ҳам, кундузлари ҳам омонликда юраверинглар».
Яъни, Ямандан Шом мулкигача бўлган шаҳарлар бир-бирига боғланган эди. Аллоҳ таоло сабаъликлар юрти билан Ўзи баракотли қилган Макка, Мадина, Қуддус каби шаҳарлар орасидаги йўлларда кетма-кет келадиган қишлоқларни барпо қилиб қўйган эди. Сафардагилар йўл машаққатларидан азият чекишмас, бехавотир ва омонликда йўл босишар эди. Улар учун кундузи қўниладиган ва тунда тушиладиган алоҳида қишлоқ-манзилгоҳлар бор эди, яъни ўша оралиқ йўлдаги қишлоқлар маълум ўлчовли масофаларда жойлашган бўлиб, уларнинг биридан эрталаб йўлга чиққан одам қоронғига қолмай иккинчи бир қишлоққа етиб олиши мумкин эди. Сабаъдан йўлга чиққанлар ўша манзилгоҳлар орқали ҳеч қийналмай, кўзлаган жойларига бемалол етиб боришарди. Бу Аллоҳ таолонинг катта неъмати бўлиб, сафарни осонлаштирарди. Ҳар бир одам ҳам махсус катта тайёргарликсиз сафарга чиқаверар, йўлга кўп сув, озиқ-овқат ва бошқа нарсалар олиши шарт эмас эди. Аммо сабаъликлар Аллоҳнинг бу улуғ неъматига ҳам шукр қилишмади, сафарларидаги роҳат-фароғат ва бехавотирликнинг қадрига етмай, тўқликка шўхлик қилишди.

19. Улар: «Парвардигоримиз, сафарларимиз орасини узоқ қил!» дейишди ва ўзларига зулм қилишди. Шунда Биз уларни ҳикояларга айлантирдик ва уларни бутунлай парчалаб ташладик. Албатта бунда ҳар бир сабрли ва шукрли учун аломатлар бордир.
Яъни, сабаъликлар Аллоҳ таоло томонидан ўзларига берилган бу қулайликларга ношукрлик қилиб, шундай зорланишгаўтишди: “Эй Парвардигор, бундай қулай сафардан маза топмаяпмиз, шунинг учун қўнадиган манзилларимиз орасини узоқ-узоқ қилиб қўйгин, бизлар ҳам бошқалар каби очлик, ташналик, чарчоқ каби сафар машаққатларини тортайлик”. Ношукрлик, нонкўрлик инсонни ана шундай кўзини кўр қилиб, ақлини олиб қўяди, ўзини қутуртириб юборади, босар-тусарини ҳам билмай қолади. Ҳисобсиз ноз-неъматлар ҳам жонига тегади. Сабаъликлар ана шундай ношукрлардан эдилар. Улар ҳам сафарлари учун яратилган қулайликларга шукр қилиш ўрнига, бу неъматларни малол кўриб, Парвардигорларидан қўнадиган манзилгоҳлари орасини узоқ қилиб қўйишни сўрашди. Мана шу ношукрликлари учун берилган неъматларнинг заволига қолишди. Аллоҳ уларни неъматлардан қисиб, юртларини хароб қилди. Шундан сўнг улар бошларига келган мусибатлардан қутулиш учун қолган-қутганлари ҳам бир бурда нон ахтариб, гадолик қилгани турли юртларга тарқалиб кетишди. Шундай қилиб, гўзал юрт эгаси бўлган бир қавм бутунлай пароканда бўлиб кетди. Сабаъликлар қиссасида шукр ва сабрни унутган ҳар бир инсон учун катта ибрат бор.

20. Дарҳақиқат, иблис улар ҳақидаги гумонини рўёбга чиқарди. Шунда фақат бир гуруҳ мўминлардан бошқалари унга эргашишди.
Иблис жаннатдан қувилаётган пайтда «Сенинг мухлис бандаларингдан бошқасини албатта иғво қилиб, фитнага соламан», деган эди. Иблис ўзининг Одам болалари ҳақидаги ўша қадимги гумонини рўёбга чиқарди. Одам болаларининг кўплари унга эргашиб кетишди, фақат мухлис мўминларгина иблиснинг фитнасидан омонда қолишди. Абу Қилоба айтади: «Аллоҳ таоло иблисни лаънатлаган пайтда иблис муҳлат беришни сўради. Аллоҳ унга муҳлат берди. «Сенинг улуғлигингга қасамки, бандангнинг жони чиққунча унинг қалбидан чиқмайман», деди. Аллоҳ айтди: «Улуғлигимга қасамки, бандамнинг охирги нафаси чиққунча ундан тавбани тўсмайман».

21. Ҳолбуки, унинг улар устидан ҳеч бир ҳукмронлиги йўқ. Бу фақат охиратга имон келтирадиганни ундан шубҳаси борлардан ажратишимиз учун бўлди. Парвардигорингиз ҳамма нарсани муҳофаза қилувчидир.
Шайтон-иблисларда аслида одамларни мажбурлаб ўз йўлига буриб юбориш, уларга фитна қилиб, адаштиришда ҳеч қандай имкон ҳам, ҳукмронлик ҳам йўқ. Унинг иғвоси ва васвасаси ҳам ўз-ўзидан таъсир қилавермайди. Аллоҳ таоло бандалари орасидаги охиратга имони борларни имони йўқлардан ажратиш ҳамда охиратга шак-шубҳа билан қарайдиганларни алоҳида кўрсатиш учун бандаларини иблис васвасаси билан ҳам имтиҳон қилади. Бундан Аллоҳ бандаларининг имонини ва охиратга ишончини билмайдими, деган хаёлга бормаслик керак. Аллоҳ таоло кимнинг қандайлигини азалдан яхши билади, шунингучун уларнинг қалби ва хаёлидан кечаётган ҳамма нарсадан яхши хабардор. Аллоҳ таолодан борлиқдаги ҳеч бир нарса махфий қолмайди. Аллоҳ азза ва жалла фақат Ўзи биладиган ҳикматга кўра инсонларни иблис васвасаси билан ҳам синайди.
Парвардигорининг неъматларига шукр қилувчилар ва ношукрлар ҳақидаги қиссалардан кейин Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб этиб, мушриклар билан ширк ҳақида мунозара юритиш буюради:

22. (Эй Муҳаммад), «Аллоҳдан ўзга гумон қилганларингизга илтижо этаверинглар!» денг. Улар осмонлару Ерда зарра вазнича нарсага ҳам эга эмаслар. Уларнинг бу иккисида шериклиги ҳам йўқ ва Унга улардан бирорта ёрдамчи ҳам йўқ.
Аллоҳ таоло севимли Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, сиз Парвардигорларига ожиз бут-санамларни ва шахсларни шерик қилиб, уларга сиғиниб юрган мушрикларга шундай деб айтинг: “Эй мушриклар, сиз Аллоҳнинг шериги бор, деб гумонга боряпсизлар ва эътиқод билан ўша турли сохта илоҳларга ибодат қилиб юрибсизлар. Ўша Аллоҳнинг ўрнига илоҳ қилиб олган сохта маъбудларингизга ибодат-илтижо қилаверинглар-чи, охири нима бўларкин? Аммо сизларни огоҳлантириб қўяйки, сизлар сиғинаётган “илоҳ”лар осмонларда ҳам, Ерда ҳам тариқча кудратга ёки имкониятга эга эмас. Сизлар илоҳ санаётган ўша нарсаларнинг ҳеч бир иш-амалда Аллоҳга асло шериклиги йўқ. Биринчидан, уларнинг ўзи бирор куч-қудратга эга эмас, иккинчидан, бирор нарсага эгаликда Аллоҳга шерик ҳам эмас. Сизлар Аллоҳга шерик қилаётган “илоҳ”ларингизнинг бирортаси ўзи маъбуд бўлиш ёки Аллоҳга шерик бўлиш уёқда турсин, ҳатто Аллоҳга ёрдамчи ҳам бўлолмайди. Шу боис, эй мушриклар, сизлар очиқ-ойдин адашувдасизлар. Сиз илоҳ санаётган ёки «Бизга Аллоҳнинг олдида шафоат қилади» деб ўйлаётган нарсаларингиз ҳақидаги гумон-тахминларингизнинг бари ҳам нотўғридир.

23. Унинг ҳузурида фақат Ўзи изн берганлардан бошқанинг шафоати фойда бермайди. Дилларидан қўрқув кетгач эса:
«Парвардигорингиз нима деди?» дейишади. «Ҳақни. У олийдир, буюкдир», дейишади.
Яъни, ким гумон билан “Бизларга Аллоҳнинг ҳузурида шафоатчилик қилиб қолар” деб, бут-санамларни ёки айрим шахсларни Аллоҳга шерик қилса ва уларга сиғинса, жуда катта хатога йўл қўйган бўлади. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳузурида У Зотнинг Ўзи изн берганлардан бошқа бирор кимсанинг шафоати фойда бермайди. Қиёмат куни ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади, ҳамма бир-биридан ёрдам кутади, авом авлиёдан, авлиё анбиёдан, анбиё эса фаришталардан шафоат умид қилади. Қиёмат даҳшатидан ҳамма қўрқувда турганида Аллоҳ уларнинг қалбидан қўрқувни кетказгач ўзларига келиб, “Парвардигорингиз нима деди?” деб сўрашга тушишади. Бошқалари “Ҳақни айтди”, деб жавоб беришади. Ўшбу савол-жавоб кимлар орасида бўлиши ҳақида муфассирлар бир неча хил фикр айтишган. Баъзилари “шафоат қилувчилар билан шафоат қилинувчилар орасида” дейишса, бошқалари “ўзаро шафоат қилувчилар орасида”, учинчилари эса “шафоатчилар билан муқарраб фаришталар орасида бўлади”, дейишади. Аслида, бу фикрлар бир-бирини тўлдириб келади. Аллоҳ таоло олий ва буюк Зот бўлгани учун шафоат қилиш ҳаққини Ўзи истаганларга беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, Қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўладиган ким?» дедим. «Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингни билганимдан шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим. Қиёмат куни шафоатимдан энг саодатманд бўладиган киши «Лаа илааҳа иллаллоху»ни чин қалбдан ихлос билан айтган одамдир», дедилар» (Бухорий ривояти).

24. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Сизларни осмонлару Ердан ким ризқлантиради?». «Аллоҳдир! Бизлар ёки сизлар ё ҳидоятда-миз, ё аниқ адашувдамиз», денг.
Аллоҳ таоло севимли Пайғамбарига айтяптики, сиз ўша шафоат кутиб юрганлардан “Сизларни осмонлар ва Ердан ким ризқлантиради? Ўзларингиз гумон қилаётган сохта “илоҳ”ларми ёки Аллоҳми?” деб сўраб кўринг-чи! Улардан жавоб ҳам кутмай яна айтингки: “Аллоҳдир! Бизлардан ёки сизлардан биримиз ё ҳидоятдамиз ё аниқ адашувдамиз”. Яъни, осмондан ёғинни ким ёғдиради ва ердан гиёҳни ким ундиради? Албатта, ёғинни ёғдирувчи ҳам, ўт-ўланни ўндирувчи ҳам ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидир. Осмонлару ердаги барча махлуқотларга фақат Аллоҳ таологина ризқ беради, бу бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Эй мушриклар, бу ҳақиқатни англашда сизлар билан йўлимиз икки хил чиқиб қолди. Аммо кимнингдир йўли тўғри, кимнингдирники нотўғри бўлиши керак. Сиз билан биздан қайсидир гуруҳ ҳидоятда, қайсинисидир очиқ-ойдин залолатда. Буни Аллоҳ таолонинг Ўзи ажрим қилади.

25. «Сизлар бизлар қилган гуноҳдан сўралмайсиз, бизлар эса сиз қилган амалдан сўралмаймиз», денг.
Эй севимли Пайғамбарим, сохта “илоҳ”ларни Парвардигорга шерик қилаётган ўша мушрикларни таъқиб ҳам қилманг, уларга нафратингизни кучайтирманг ҳам.Уларни шундай огоҳлантиринг: “Ҳар ким ўз қилмиши учун қиёматда ўзи жавоб беради. Сизлар бизнинг қилган гуноҳимиз учун жавоб бермайсизлар, бизлар ҳам сизларнинг қилган амалларингизга масъул эмасмиз”.

26. «Парвардигоримиз бизларни тўплайди, сўнгра ҳақ билан ўртамизда ҳукм қилади. Угина ҳукм қилувчидир, билувчидир», денг.
Аллоҳ Ўз Пайғамбарига яна мушрикларга хитобан шундай дейишни буюрмоқда: “Қиёмат куни Парвардигоримиз сизлар билан бизларни қабримиздан тирилтириб чиқариб, бир жойга - маҳшаргоҳга тўплайди. Сўнгра ўша ерда ҳақ ва адолат билан орамизни очиқ қилади. Ўшанда ким ҳидоятда, ким залолат-адашувда экани очиқ-равшан бўлади. Аллоҳтаоло бандалари орасида қандай ажрим қилишни Ўзи яхши билади. У махлуқоти ўртасида ягона ҳукм қилувчидир, барча ишларнинг ҳикматини Ўзи яхши билувчидир”.

27. «Унга шерик қилиб олганларингизни менга кўрсатинг-чи! Асло! Балки У қудратли, ҳикматли Аллоҳдир», денг.
Эй Пайғамбарим, Аллоҳга шерикларни ўйлаб топаётган мушрикларга қарата шундай деб айтинг: “Яратишда, ҳукм қилишда, бандаларнинг ишини тасарруф қилишда ягона бўлган Аллоҳ таолога шерик қилиб олган сохта “илоҳ”ларингизни менга кўрсатинглар-чи, уларнинг ўзи кимлар экан, қандай сифатлари бор, уларнинг қўлидан нима иш келаркин? Асло уларни кўрсата олмайсизлар! Чунки ҳозиргача бирор зот қудратли ва ҳамма нарсани ҳикмат билан қилувчи Аллоҳ таолога ўхшамаган, тенг бўлмаган, шерик ҳам бўла олмайди! Яратишда, илоҳий низомни юритишда, махлуқотининг ишини бошқаришда, бандаларига тарбияткунанда бўлишда, уларга ризқ беришда Унинг ҳеч бир шериги, тенги, ўхшаши йўқдир!”

28. Сизни барча одамларга фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик, лекин одамларнинг кўплари билишмайди.
Эй севимли Пайғамбарим Муҳаммад, Биз сизни барча инсонларга жаннат абадий ҳаёт хушхабарини берувчи ва дўзахнинг аламли азобидан огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Сиз маълум бир қавм ёки халққа эмас, балки дунёдаги бутун инсониятга юборилган охирзамон Пайғамбарисиз. Сиздан кейин бошқа пайғамбар келмайди, Қуръондан бошқа Китоб ҳам нозил қилнмайди. Ислом дини Аллоҳнинг охирги дини бўлгани учун энди ундан ўзга бошқа дин-шариат ҳам юборилмайди. Агар инсонлар сизга эргашиб, ваҳийларимизга имон келтиришса, амр-фармонларимизни бажариб, қайтарган ишларимиздан четланишса, уларга неъмат ва роҳатга тўла жаннатларда абадий ҳаёт ҳақида хушхабаримизни етказинг. Агар улар сизга итоатсизлик кўрсатиб, ваҳийларимизни инкор қилишса, ёлғонга чиқаришса, бундайларни абадий қолиб кетиладиган дўзахдаги қаттиқ азоб-қийноқлар ҳақида огоҳлантиринг. Лекин одамнинг кўплари ушбу ҳақиқатни билмагани ёки билишни истамагани учун адашувда, гуноҳ ишларда ғарқ бўлиб юришибди. Улар сизнинг вазифангиз жаннатдан хушхабар бериш, дўзах азобидан огоҳлантиришдан иборат эканини ҳам билмай, сизга турли бемаъни саволларни бериб, мазаҳ қилишга уринишади.

29. Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон?» дейишади.
Макканинг мушрик кимсалари сизни ёлғончига чиқариш учун: «Эй Пайғамбар, эй мўминлар, агар сизлар бизни қўрқитиб, “Қиёмат албатта бўлади, ҳамма қайтадан тирилади ва Маҳшарда тўпланади” деб айтаётган сўзларингиз рост бўлса, айтинглар-чи, бу ваъда қачон рўёбга чиқади?» дейишади.

30. «Сизларга шундай бир Куннинг ваъдаси борки, уни бир соат ортга ҳам, олинга ҳам сура олмайсизлар», денг.
Сизларга ваъда қилинаётган кун қиёмат кунидир. Аллоҳ таолонинг қиёматнинг қойим бўлиши ҳақидаги ваъдаси албатта амалга ошади. Сизлар ундан асло қочиб, қутула олмайсизлар. Бу куни кириб келиши билан сизлар имтиҳон қилинаётган муҳлат тугайди, баҳонаю сабаблар,тавба-истиғфорлар қилишга вақт қолмаган бўлади. Қиёмат куни Аллоҳ белгилаб қўйган соатда келадики, уни бирор дақиқа олдинга ҳам, ортга ҳам сура олмайсизлар. Кофир кимсалар фақат қиёмат куни ҳақидагина эмас, балки Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Қуръони карим ҳақида ҳам турли бўлмағур сафсаталарни айтишади:

31. Куфр келтирганлар: «Ушбу Куръонга ҳам, ундан олдинги нарсага ҳам асло имон келтирмаймиз», дейишди. Агар сиз ўша золимларнинг Парвардигорлари ҳузурида турғизиб қўйилганда бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди. Ўшанда заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Сизлар бўлмаганингизда, бизлар албатта мўмин бўлар эдик», дейишади.
Куфр келтирганлар олдинги самовий китобларни инкор қилишгани каби кейинчалик нозил қилинган Қуръони каримга ҳам имон келтиришмайди. Бу ояти каримада Аллоҳ таоло кофирларнинг туғёнда ҳаддан ошиб кетгани туфайли илоҳий ваҳийларни қабул қилишда ўта саркашлик қилишларининг хабарини бермоқда: куфр эгалари Қуръонга ҳам, ундан олдин нозил қилинган китобларга ҳам имон келтирмаймиз, дейишади. Бу нарса куфр эгаларининг асло ҳидоятга юрмасликларини, илоҳий даъватни сира қабул қилмасликларини, Аллоҳга имон келтирмасликларини билдиради. Улар ўзларига нозил қилинаётган илоҳий дастурга, яъни Қуръони каримга ҳам, унинг ҳақлигини тасдиқловчи олдинги илоҳий китобларнинг бирортасига ҳам ҳеч қачон имон келтирмасликларини фахр билан, дабдаба билан таъкидлашяпти. Эй Пайғамбар, сиз ҳаммаларини қиёмат куни Маҳшаргоҳга тўплаган пайтимиздаги уларнинг аҳволини бир кўрсангиз эди. Аллоҳнинг ваҳийларига имон келтирмай, беҳад золимлик қилган кимсалар савол-жавоб учун Парвардигор ҳузурида турғизиб қўйилганида уларнинг бир-бирларини айблаб, даҳанаки жанг қилишларини бир кўрсангиз эди. Уларнинг аввалги кибр, туғён, манманлигидан асар ҳам қолмаган, ўзлари шумшайиб, кимдан нажот кутишни билмай, кўзлари жавдираган ҳолда ночор ва абгор ҳолда қолишган. Шунда дунё ҳаётида заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга “Агар сизлар бизни адаштириб, ҳақ йўлдан урмаганларингда бизлар имон келтириб, албатта ҳидоятда юрган бўлардик, минг афсуски, сизларнинг сўзингизга кириб, дунёдан кофир ҳолимизда ўтиб кетибмиз”, деб афсус-надоматлар қилишади.

32. Мутакаббирлик қилганлар заиф саналганларга: «Сизларга ҳидоят келганидан кейин сизларни ундан биз тўсдик-ми? Йўқ, ўзларингиз жиноятчи бўлдингиз», дейишади.
Ўз навбатида дунёда мутакаббирлик қилганлар ҳам елкаларидаги гуноҳ юкини ўзларини маломат қилаётган заиф саналганларга ағдармоқчи бўлишади. Мутакаббирлар заиф саналганларга шундай таъна қилишади: “Сизларга ҳақ йўлни, ҳидоят йўлини кўрсатишганида биз сизларни ундан тўсганимиз йўқ-ку! Энди нега бизни айблаяпсизлар? “Сизлар бўлмаганингизда биз мўмин бўлар эдик” деган гапларингиз асоссиз, ноўрин, ўзларингиз бизга тақлид қилиб, осийликка бордингиз, куфр жиноятига қўл урдингиз. Энди бизларни бунда айбламай, ўзларингиз жавобини бераверинглар, қилмишларингизнинг жазосини тортаверинглар”.

33. Заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Йўқ, кечаю кундуздаги макрингиздир. Ўшанда сизлар Аллоҳга куфр келтиришимизга, Унга тенг шериклар қилишимизга буюрар эдинглар», дейишади. Улар азобни кўрган чоғларида ичларида надомат қилишади ва куфр келтирганларнинг бўйинларига кишанлар соламиз. Улар фақат қилиб ўтган амалларига яраша жазол анишади.
Дунё ҳаётида ўзидан обрўли, аслзода хўжайинларга гап қайтариш уёқда турсин, кўзига тик қарай олмайдиган заифлар охиратда мутакаббирларни маломат қилишдан ҳам тойишмайди: “Сизлар кечаю кундуз макр қилиб, бизларни ҳақ йўлдан адаштирдингиз. Ўшанда сизлар Аллоҳга куфр келтиришимизга, У Зотга турли сохта “илоҳ”ларни шерик қилишимизга бизларни мажбурлаган эдинглар. Энди қиёмат бўлиб, ҳақ жойида қарор топганида айтганла-рингиздан тонасизларми?”. Мутакаббирлар ва заиф саналганлар шу тариқа бир-бирлари билан тортишиб-ғижиллашиб туришгани-да улар Аллоҳнинг азобига рўбарў қилинади. Шунда улар чорасиз қолиб, қилмишларига афсус-надоматлар қилишдан ўзга илож топа олишмайди. Ҳозиргина бақир-чақир билан бир-бирини айблаб турган икки тараф азобни кўришлари билан жим бўлиб қолишди. Ичларидан зил кетиб, афсус-надоматдан бошқа илож қолмагани-ни тушунишди. Ана шундай ҳолатларида куфр келтирган кимсаларнинг бўйинларига азоб кишанлари солинади. Ўша кишанларидан тортиб-судраган ҳолда дўзахга ташланади. Улар дўзахда қилиб ўтган хато-гуноҳлари учунгина азобланишади, бунда уларга асло адолатсизлик қилинмайди. Уларнинг мутакаббири ҳам, заифи ҳам куфри учун бир хилда оғир азобга гирифтор қилинади.
Шундан кейинги оятларда олдинги умматларнинг ўзларига юборилган пайғамбарларга муносабатлари ҳақида сўз юритилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли берилади:

34. Қайси бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантирувчи юборсак, унинг маишатбозлари: «Сизлар билан юборилган нарсага куфр келтирувчилармиз», дейишган.
Ушбу ояти каримада «маишатбозлар» деб таржима қилинган тоифа дунё ҳаётида лаззат ва маишатга берилиб, кўплаб ноз-неъматларни қўлга киритган ҳолида бошқаларга хукмини ўтказган, одамларни ёмонликка бошлаган, халқнинг елкасига миниб олиб, зулмини ўтказган кимсалардир. Тарихда қайси юртга Аллоҳ таоло огоҳлантирувчи - пайғамбар юборган бўлса, ўша ернинг маишат-параст зодагонлари пайғамбарга қарши чиқиб, оддий одамларни унга эргашишдан қайтаришган. Чунки ўша маишатбоз, золим ва фосиқ сардорлар пайғамбар шахсида ўз ҳукмларига қарши чиқувчи, жамиятдаги тутган ўринларини тортиб олувчи рақибни кўришган. Агар пайғамбарнинг гапи ўтиб, иши юришиб кетса, халқ оммаси маишатбоз раҳнамолардан юз ўгириб, пайғамбарнинг ортидан эргашиши аниқ бўлиб қоларди. Шу сабабли, ҳар бир юртнинг маишатбоз бошлиқлари жон-жаҳдлари билан пайғамбарларга қарши чиқишган. Улар пайғамбар келиши билан дарҳол унга бўйсунмай, бутун халқ номидан: “Сизлар олиб келган нарсаларга қаршимиз, унга ишонмаймиз ва рад қиламиз” деб, пайғамбарнинг даъватини чиппакка чиқармоқчи бўлишган. Аллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб келганларида ҳам худди шундай ҳолат содир бўлди. Макканинг маишатбоз катталари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган динга куфр келтирганларини баралла эълон қилишди. Макка халқини ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишдан қайтаришди. Шунда қавмнинг итоатсизлигидан хафа бўлган Пайғамбарига Аллоҳ таоло тасалли маъносида бу ҳолатнинг барча замон ва маконларда содир бўлганини маълум қиляпти. Маишатбоз катталар ўз кофирликларини эълон қилиш билан чекланиб қолишмайди, балки охират ҳақида гап кетса, у ерда ҳам нажот топишлари хусусида сафсата сотишади.

35. Яна улар: «Бизнинг мол-дунёимиз, фарзандларимиз кўпроқ, бизлар азобланувчи эмасмиз», дейишади.
Аллоҳ таоло ҳузурида банданинг мол-дунёси кўплиги ҳам, бола-чақасининг бисёрлиги ҳам унга ҳеч қандай имтиёз бермайди, унинг гуноҳини енгиллатмайди. Қавмнинг маишатбоз улуғлари дунёда мол-дунёлари, бола-чақалари билан фахрланганлари етмай, охират ўлчовини ҳам ўз қаричлари билан ўлчашади. Маишатбозлар аслида Аллоҳга эмас, молу дунё, мансаб ва бола-чақага қул бўлганлари учун куфр келтирган ҳисобланишади. Аллоҳнинг йўлида эмас, молу дунё, мансаб-обрў ва болаларининг йўлидан юриб кетишгани учун ҳам куфрга тутқун бўлиб қолишди. Улар беш кунлик фоний дунёда эришган мавқелари, қўлга киритган бойликлари билан ғурурга кетиб, ўзларини энг омадли одамлар деб санашади, бошқаларни менсишмайди, Ҳақни танишмайди ва кибрлари сабабли илоҳий ваҳийларни инкор қилишгача ҳам боришади. Улар ўз қилмишларини хаспўшлаш учун Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўламиз, деган хом хаёлга боришади. Ўз сафсаталарига ўзлари ҳам ишониб, «Агар охират куни келса, унда камбағал мўмин-мусулмонлар нажот топиб, жаннатга эришса, Аллоҳнинг азобидан қутуладиган бўлса, нима учун шунча кўп мол-дунёимиз, зурриётимиз бўлатуриб, азобга дучор бўлишимиз керак экан», деб ўзларини овутмоқчи бўлишади. Ваҳоланки, Аллоҳ таолонинг уларга ато этган бу неъматлари уларнинг имонини синаш, эътиқодини имтиҳон қилиш учун эканини билиш-масмикин?!

36. (Эй Муҳаммад, уларга): «Парвардигорим хоҳлаганларининг ризқини кенг ва танг қилур. Лекин кўп одамлар билишмайди», денг.
Эй Пайғамбарим, кофирларга айтингки, “Парвардигор хоҳлаганининг ризқини кенг, истаганининг ризқини танг қилиб, кўп нарсадан маҳрум қилиб қўяди. Лекин буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг бир имтиҳони эканини билишганида улар Аллоҳ берган ризқ борасида бу қадар туғёнга кетмаган бўлишарди. Аммо одамларнинг аксарияти бу нарсани билишмайди. Ҳақиқатан, кўплар Аллоҳ таолонинг яратиш, ризқлантириш, нафс истакларини чеклаш борасидаги ҳикматларидан бехабар бўлгани учун ҳаётни фақат яхши-еб-ичиш, яхши кийиниш, кўркам ва шинам уйларда яшашдангина иборат деб ўйлайди, бутун ҳаракати, интилиши ва куч-имкониятларини шунга йўналтиради. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло инсонларни яратгач, уларнинг олдига икки йўлни қўйган. Биринчиси - дунё ҳаётидаги умрни Аллоҳнинг йўлида, Унинг буюрганларига амал қилган, қайтарганларидан четланган ҳолда ўтказиб, Унинг розилигини топиш ва абадий саодатга эришиш. Иккинчиси эса - инсоннинг икки мангу душмани бўлган нафс ва шайтоннинг сўзига кириб, Аллоҳни танимай ўтиш, ўз ҳаётини дунё лаззатларига қурбон қилиб, оқибатда Унинг ғазабига учраш, дўзах азобларига гирифтор бўлиш. Ва инсонга уларнинг ўртасини ажрата билиш малакасини ҳам берган. Одамизод ана шу малакасига кўра ҳалол ва ҳаромни, фойда ва зарарни, ҳақ ва ботилни бир-биридан ажрата олади. Парвардигор кимларгадир ҳамма нарсани: мол-дунёни, мартаба-обрўни, ҳусн ва чиройли ахлоқни тўкис қилиб берган. Кимнидир эса бойлик, мол-дунёдан қисган. Чунки мол-мулк мутлақо эзгулик, яхшилик тимсоли-белгиси эмас. Унинг бойлик бермагани ҳам, бергани ҳам хайрдир, саховатдир, эзгулиқцир. Ўз ҳолича на бадавлатлилик ва на фақирлик бир неъмат ёки фалокат ҳисобланмайди. Балки ўз ўрнига кўра, фақирлик энг буюк неъмат ва марҳаматдир. Агар инсон олий-жаноб бўлсагина, ўзига берилган мол-давлатни тўғри йўлга сарфласагина у яхшилик келтиради, акс ҳолда катта кулфат ва фалокатлар сабаби бўлиши мумкин. Ислом ахлоқи дунёга кўп рағбат қилмаслик, зиёда аҳамият бермаслик, дунё ишларидан четланган бир обид ва зоҳид инсондай бўлиш қалб ва вужудга ором бағишлаши, дунёга ортиқча рағбат қилиш, уни севиш эса ғам ва маҳзунликни зиёда қилиши ҳақида огоҳлантиради. Ҳақиқатан дунёга муҳаббат қўйиш, унинг кўйида ҳамма нарсани унутиб елиб-югуриш барча хатоликларнинг боши, ҳамма кўнгилсизликларнинг асл сабабидир. Инсон дунёга ҳирси, муҳаббати туфайли кўп зарар кўради, ҳаловати кетади, боқий дунёга тайёргарлик ишларидан чекинади.

37. На мол-дунёларингиз, на болаларингиз сизларни Биз-нинг даргоҳимизга яқин қилолмайди. Аммо имон келтирган ва солиҳ амал қилганларга - айнан ўшаларга қилган амаллари туфайли кўпайтирилган мукофот бордир. Улар хос хоналарида омонликда бўлишади.
Инсон тўплаган мол-дунёси ва улғайтирган ўғил-қизлари билан Парвардигорининг даргоҳига яқинлашиб, лутфу марҳаматидан баҳраманд бўлолмайди. Фақат Аллоҳ таолога ва Унинг Пайғамбарига имон келтириб, ҳаётида солиҳ амаллар қилиб ўтган бандаларгина чинакам илоҳий саодатга эришадилар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадр-қиймат топадилар. Аллоҳ таоло бирор бандасининг қадр-қийматини асло мол-дунёсининг миқдорига ёки ўғил-қизларининг кўплигига қараб белгиламайди. Фақат ўша мол-дунё ва бола-чақаларидаги тасарруф, уларни тўғри ишлатиш Аллоҳга яқинлашишга олиб бориши мумкин. Инсоннинг икки дунёдаги қадр-қиймати фақат имони ва яхши амалига қараб белгиланади. Донишмандлардан бири айтади: «Яхшилик мол ва фарзандларнинг кўплигида эмас, яхшилик кенг феълли, ахлоқли бўлиш, илм олиш ва Аллоҳга ибодатда бошқаларга ўрнак бўлишдир». Мол-дунё ва фарзандлар фақат имонли, солиҳ амал қилган кишиларгагина фойда бериши мумкин. Чунки имонли одам бойлигини Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарфлайди. Бола-чақани ҳам Аллоҳнинг розилигини истайдиган ва Аллоҳнинг йўлидан юрадиган қилиб тарбиялайди. Имонсиз, амали солиҳсиз мол-дунё ҳам, фарзанд ҳам бошга битган бало бўлади. Имон келтириб, солиҳ амаллар қилган бандаларнинг мукофотини Аллоҳ таоло бир неча марта кўпайтириб беради. Улар охиратда, жаннатдаги баланд жойларга курилган кўркам болохоналарда ҳамиша роҳат-фароғатда ҳаёт кечирадилар.

38. Оятларимизни ожиз қолдириш учун ҳаракат қиладиганлар эса - ана ўшалар азобга ҳозир қилинганлардир.
Аллоҳ таолонинг оятларини ожиз қолдиришни истаб, бунга куч-ғайрат сарфлаган, Аллоҳ таолонинг охирги дини таъсирини тўсиб, Ҳаққа қарши чиққан ҳар бир инсоннингуринишлари бефойда, абасдир. Ҳозиргача Аллоҳнинг динини тўсиб, унинг ғолибона юришини тўхтатишга қодир бирор куч бўлмаган, бўлмайди ҳам. Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўлганларга мол-дунёси ва фарзандларининг кўплиги ҳам асло ёрдам бермайди, улар қилмишлари учун албатта қаттиқ азобга гирифтор қилинади. Чунки Аллоҳнинг ҳузурида имон ва амали солиҳдан бошқа ҳеч нарса фойда бермайди.

39. Айтинг: «Парвардигорим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилади ва танг қилади. Ҳар бир эҳсон қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдиради. У ризқ берувчиларнинг яхшисидир».
Қуръони каримнинг жуда кўп сураларида Аллоҳ таолонинг истаган бандаларини ризқини кенг, хоҳлаган бандаси ризқини тангтор қилишининг зикри келган. У ризқни ҳаммага, ҳатто Ўзига куфр келтирганларга ҳам бераверади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳнинг қўли тўладир. Инфоқ уни камайтирмайди. Туну кун тўхтамай тўкиб сочувчидир. Айтингчи, У Зот осмону Ерни яратганидан бери нималарни инфоқ қилган? Бу Унинг қўлидагини камайтирмаган. Унинг Арши сув устида эди. Бошқа қўлида мезон бор. Пастлатади, юксалтиради» (Бухорий ривояти). Шарҳ қилувчилар бу ердаги «мезон» сўзини Аллоҳ таолонинг адолати деб, кейинги икки жумлани эса У Зотнинг хоҳлаганини азиз қилиб, хоҳлаганини хор қилиши, кимнингдир ризқини кенг қилса, кимнингдир ризқини тор қилиши деб изоҳлашган. Аллоҳ таолонинг барча махлуқоти ризқни Парвардигори беришини ҳис этиб, эртанги кунини ўйламайди, бугунги ризқини топиш билан кифояланади. Фақат махлуқларнинг энг олийи ва энг онглиси инсонгина ризқ келмай ёки тугаб қолишидан қўрқиб яшайди. Шунинг учун уни ҳафталарга, ойларга, йилларга етадиган қилиб ғамлайди. Уларнинг илоҳий таълимотлардан узоқда бўлганлари дунё ҳаётини ризқ-рўз учун мунтазам кураш олиб боришдан иборат, деб тушунишади. Улар ризқни ўзимизнинг саъй-ҳаракатларимиз, елиб-югуришларимиз эвазига ёки фалончи акамнинг менга кўрсатган марҳамати туфайли қўлга киритяпмиз, деб ўйлашади. Ризқи, бойлиги камайиб қолишидан қўрқиб, Аллоҳ йўлида эҳсон, садақа қилишни, бошқаларга саҳоват кўрсатишни ҳам эсдан чиқаради. Ваҳоланки, ризқ инсонни худди ажали уни қувгандек қувиб юради. Бировнинг ризқи адашиб бошқаникига бориб қолмайди. Бирор киши ризқини тўла олмагунича бу дунё билан видолашмайди ҳам. Шунинг учун бандалар ризқнинг кенг ёки тор қилиниши Аллоҳнинг синови эканини англаб, эҳсон қилишда бахилликка боришмасин, қилган эҳсонларининг ўрнини Парвардигорлари бир неча баробар қилиб тўлдиришини тушуниб олишсин.

40. Уларнинг барчаларини жамлаб, сўнгра У фаришталарга: «Анавилар сизларга ибодат қилишганмиди?» дейдиган Кунда;
Қиёмат куни тирилиб, қабрларидан чиқиб келган барча инсонларни ва фаришталарни бир жойга тўплаб, фаришталарига “Анави бандаларим дунёда сизларга сиғиниб, Менга шерик қилиб юришганмиди?” деб сўрайди. Чунки улар қиёматнинг келишига ишонмаган, ҳаётларида Аллоҳга имон келтирмай, турли бут-санамлар, фаришталар, осмон жисмлари ва турли ҳайвонларга сиғиниб, уларни Парвардигорларига шерик қилишган эди.
Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Келишига шубҳа бўлмаган кун - қиёмат куни Аллоҳ одамларни жамлаганда нидо қилувчи: «Ким Аллоҳучун қилган амалига бирортани шерик қилган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин! Албатта, Аллоҳ шерикларнинг ширкидан беҳожатидир!» деб нидо қилади» (Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривояти).

41. улар: «Сен поксан! Улар эмас, Сен Ўзинг бизларнинг валийимизсан! Ҳа, улар жинларга ибодат қилишар эди, кўплари ўшаларга имон келтирувчидирлар», дейишди.
Аллоҳ таоло томонидан саволга тутилган фаришталар қўрқиб кетишади, дарров ўзларини ўнглаб, шундай дейишади: “Эй Парвардигоримиз, Сен ҳар қандай шерикдан поксан! Улар эмас, Сен бизларнинг дўстимизсан, ҳимоячимизсан. Улар жинларга ибодат қилишар, ҳожатларини улардан сўрашар эди. Уларнинг кўплари жинларга имон келтиришган.Улар билан ҳеч қандай алоқамиз йўқ, биз мушриклар билан асло дўст тутинмаймиз”. Дарҳақиқат, жоҳилиятдаги араблар ичида жинларга сиғиниб-ибодат қиладиганлар кўп эди. Шунинг учун ҳам ушбу суранинг бошланишида пайғамбар Сулаймон алайҳиссаломнинг жинларга муносабати ҳақида бир неча оятлар келтирилди. “Жин” (ажина) сўзи луғатда «тўсилган», яъни одамлар кўзидан тўсилган, яширилган маъносида. Жинлар инсонлар кўзига кўринмайдиган, аслида мавжуд бўлган ғайбий махлуқдир. Жинларнинг мавжудлигига Қуръони каримдаги «Жин» сураси ва бир неча оятлар далилдир. Қуръон оятларида кўпинча инсон (инс) ва жинга баравар мурожаат қилинган. Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссаломнинг жинларга Қуръон ўқиб берганлари хабари келган. Қуръон ва ҳадис жинларнинг оловдан, кўринмас қилиб яратилганига қатъий далолат қилади. Жинларнинг инсонларга озор бериши, душманлик қилиши инкор этилмайди. Улар инсонлар кўзига туя, сигир, қўй, хачир, от, ит, илон, чаён, қушлар сифатида, ҳатто одам қиёфасида кўриниши мумкин. Жинлар ҳам инсонлар каби кофир ёки мўмин, турли дин ва ақидада бўлади, еб-ичади, эркак-хотини бор, шаръий таклифларга мукаллаф бўлади. Жинларнинг кофирлари шайтон-иблислардир. Жинлардан паноҳ тилаш, ёрдам сўраш, уларга атаб жонлиқ сўйиш шаръан ҳаром ҳисобланади.

42. Ушбу кунда бир-бирингиз учун фойдага ҳам, зарарга ҳам қодир эмассиз. Зулм қилганларга эса: «Ўзингиз ёлғонга чиқарган дўзахнинг азобини тотинглар», деймиз.
Аллоҳ таоло айтяптики, фаришталарга сиғиниб, илтижо қилиб юрган мушриклар ҳам, инсонлар томонидан сиғинилган фаришталар ҳам ҳамма нарса ажрим қилинадиган қиёмат кунида бир-бирларига фойда ҳам, зарар ҳам бера олишмайди. Аслида бунинг имкони йўқ. Фаришталар мушрикларга асло ёрдам бера олишмайди, шафоатчилик қилишга ҳам имконлари йўқ. Чунки қиёмат фойда ёки зарар берадиган кун эмас, балки охират ишлари ҳисоб-китоб қилинадиган, барча махлуқлар ҳисобга тортиладиган, ҳар бир банда Аллоҳнинг ҳузурида қилмишига яраша жавоб берадиган Кундир. Куфр ва ширкка ботиб, ўзларича Аллоҳнинг қиёмат ва ҳисоб-китоб ҳақидаги ваъдаларини инкор қилиб юрганларнинг ҳолати жуда оғир ва аянчли бўлади. Улар дунё ҳаётида дўзах ва жаннатни ёлғонга чиқариб юришган эди, қиёмат куни энди уларга “Мана ўша ўзларингиз ёлғон санаб юрган дўзах қаршингизда турибди, энди унинг азобини тотиб кўринглар!” дейилади.
Қуйида келадиган оятларда мушрикларнинг Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламга ва Қуръони каримга нисбатан айтган туҳмат гаплари ҳақида сўз юритилиб, ўзларига ўхшаган кофир ва мушрикларнинг оқибати аввалдан нима билан тугаб келгани эслатилади:

43. Уларга Бизнинг очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида «Бу сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб юрган нарсадан тўсмоқчи бўлган одамдир» ва яна: «Бу тўқилган бир уйдирмадир», дейишди. Ва куфр келтирганлар ўзларига ҳақ келган пайтда: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас», дейишди.
Аллоҳ таоло айтяптики, эй Пайғамбарим, қавмингизга Бизнинг оятларимиз тиловат қилиб берилганида улар сизга очиқдан-очиқ туҳмат қилишга ўтишди: “Бу одам сизларни ота-боболарингиз эътиқод қилиб келган таълимотдан тўсмоқчи, унинг сизларга келтираётган гаплари ичидан тўқиб чиқарган уйдирмадир, унга Аллоҳ томонидан ҳеч нарса нозил қилинмаган”. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам араб мушрикларига Аллоҳ таоло нозил қилган очиқ-ойдин оятларни тиловат қилиб берсалар, мушриклар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтириш ўрнига кавмдошларига «Муҳаммад сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб юрган илоҳлардан тўсишни хоҳлаётган одам холос, у пайғамбар эмас», деб, қавмни ҳақ йўлдан буриб юборишди. Ваҳоланки, бу ҳакда уларнинг ҳеч қандай билимлари йўқ эди, бу ҳақда уларга Аллоҳ томонидан бирор далил-ҳужжат ҳам туширилмаган. Уларнинг жоҳиллиги шу даражада эдики, ҳатто ота-боболари нималарга ва нима учун сиғинишганини ҳам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тиловат қилиб бераётган ваҳийларнинг моҳияти ҳақида ҳам ўйлаб кўришмади. Осонгина буларни инкор қилиб, йўққа чиқаришди. Турли бут-санам ва сохта илоҳларга сиғинишда ота-боболарига тақлид қилишни тўғри деб топишди. Муҳаммад соллаллоху алайҳи васаллам уларни ота-боболари ибодат қилган нарсадан бошқа эътиқодга чақирганлари учунгина Набий соллаллоху алайҳи васалламга қарши чиқиб, ўзларига тиловат қилинаётган Қуръон оятларини уйдирма деб аташди. Лекин вақт ўтгани сайин мушрикларнинг ўзига ҳам Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тўқиган уйдирма эмаслиги аён бўлди. Энг ашаддий мушриклар ҳам Қуръони карим оятлари тиловатини эшитганда таъсирланадиган бўлишди. Шунинг учун улар Қуръони каримни инкор қилиш мақсадида янги сафсата ўйлаб топишди, илоҳий Каломни очиқдан-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас, деб баҳолашди.

44. Ҳолбуки, Биз уларга ўрганиладиган китоблар ҳам бермаганмиз ва сиздан олдин уларга бирор огоҳлантирувчи ҳам юбормаганмиз.
Улар бу сохта даъволарини қаердан олишган? Аллоҳ таолонинг Китобига ва Пайғамбарига туҳмат қилиш учун уларнинг бирор далил-ҳужжати борми? Ҳолбуки, уларнинг илоҳий Китоб ҳақида ҳам, Аллоҳ томонидан юборилган Пайғамбар хусусида ҳам ҳеч қандай тасаввурлари йўқ эди. Бу ҳақда уларга китоб ҳам берилмаган, огоҳлантирувчи пайғамбар ҳам юборилмаган-ку?! Улар нимага асосланиб, ўзларича Қуръон ҳақида турли бемаъни гапларни чиқаришяпти? Эй Пайғамбарим, улар қандай ҳужжатларга асосланиб, ўзларича сизни уйдирмачига, ёлғончига чиқаришяпти?

45. Улардан олдингилар ҳам ёлғончига чиқарган эдилар. Ҳолбуки, уларга берганларимизнинг ўндан бирига ҳам етганлари йўқ. Улар пайғамбарларимни ёлғончига чиқардилар, энди инкорим қандай бўлди?
Яъни, эй севикли Пайғамбарим, араб мушрикларининг сизни ва олиб келган рисолатингизни инкор қилишлари янгилик эмас, бу нарса аввалда ҳам бўлиб келган. Улардан олдин ўтган қавмлар ҳам Аллоҳ азза ва жалла юборган пайғамбарларни ёлғончига чиқарган, уларни мазаҳ қилиб хорлаган, ҳатто жисмонан куч ишлатишгача боришган. Чунки улар узун умрларига, жисмоний кучларига, тўплаган мол-дунёларига, роҳатли ва фаровон ҳаётларига мағрур бўлиб, кибрга кетишган. Сизнинг атрофингиздаги мушрикларга олдингиларга ато қилган неъматларимизнингўндан бирини ҳам бермадик. Улар нималарига мағрур бўлиб Бизга исён қилишади, юборган Пайғамбаримизга қарши чиқишади? Ваҳоланки, биз бундай мушрик қавмлардан қанчасини ҳалок қилиб, Ер юзидан ном-нишонини ўчириб юборганмиз. Олдинги қавмлар каби Макка мушриклари ҳам нега ўз жонларига раҳм қилишмайди, Аллоҳнинг Пайғамбарига итоатсизлик кўрсатиб, золимликка ўтишади? Улар пайғамбарларимни ёлғончига чиқариб, Мени инкор қилмоқчи бўлишяптими? Энди қиёмат куни Мени инкор қилишнинг оқибати нақадар оғир бўлишини билиб олишади.
Шундан кейинг ояти карималарда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша мушрикларни ақл юритиб, ҳақни ахтаришга, ёлғон ё ботил нима-ю, рост нималиги устида фикр юритишга чақиришга буюрди:

46. (Эй Муҳаммад) айтинг: «Мен сизларга биргина нарсани насиҳат қиламан: «Аллоҳ учун холис, жуфт ва якка ҳолда туриб, бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда ҳеч қандай жиннилик йўқ. У қаттиқ азоб олдидан сизларга огоҳлантирувчи, холос».
Аллоҳ таоло севикли Расулига хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбарим, пайғамбарлигингизга шубҳа қилаётган, сиз ҳақингизда турли бўҳтонларни тўқиётган ўша кофир-мушрикларга тушунтириб шундай денг: “Жуфт-жуфт бўлиб ҳам, якка ҳолингизда ҳам Аллоҳга холис туриб бир фикр юритиб кўринглар-чи, қаршингизда турган Пайғамбарда мажнунликдан асар бормикин? Ҳолбуки сизлар мени мажнунлиқца айблаяпсизлар, мен келтирган рисолатни ёлғонга чиқаряпсизлар. Мен охиратдаги қаттиқ азоблардан, дўзахдаги қийноқлардан сизларни огоҳлантириш учун юборилганман, холос”. Ўша пайтдаги Макка мушриклари Муҳаммад алайҳиссаломни мажнунлиқца айблаган бўлса, орадан ўн беш аср ўтиб, ҳозирги замондаги дин душманлари у зотни яна бир бўҳтон билан қораламоқчи бўлишди. Бу туҳматга кўра, Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий нозил бўлаётганида у зотни тутқаноқ касали тутиб турган эмиш. Бу туҳматни ҳаддидан ошган тоифалар уялмай-нетмай келтиришади. Тўғри, илоҳий ваҳийни қабул қилиш осон кечмаган. Ҳадисларда келишича, Жаброил алайҳиссаломдан ваҳийни қабул қилаётганда Пайғамбар алайҳиссаломни қалтироқ босган, пешоналаридан тер оққан, баъзан ваҳийнинг шиддатидан оёқ-қўллари синиб кетай деган. Аммо бу тутқаноқ тутди, дегани эмас. Тутқаноқ тутган одам вақтинча ақлидан, сезиш туйғуси ва онгли фикрлашдан маҳрум бўлиб қолади. У ўзига келгач ҳам анчагача нима бўлганини, қаерда турганини англай олмайди, қаттиқ бош оғриғидан шикоят қилади. Ваҳоланки, Муҳаммад алайҳиссалом ваҳий қабул қилишда ўта диққатли ва эътиборли бўлганлар, қайси суранинг қайси ояти нозил бўлганини шу заҳоти ваҳий котибларига айтиб ёздирганлар. Мана шу далилларнинг ўзиёқ навбатдаги туҳматнинг ҳеч қандай асоси йўқлигини исботлаб қўяди.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг огоҳлантирувчи этиб юборилганлари ҳадисларда ҳам келган: Ато ибн Ясордан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анхумо билан кўришиб қолдим. «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларидан хабар беринг», дедим. У: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, у зот Қуръондаги баъзи сифатлари билан Тавротда ҳам сифатланганлар:
«Эй Набий, албатта Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва уммийлар учун ҳимоя қўрғони қилиб юбордик. Сен бандамсан ва Расулимсан. Сени Мутаваккил деб номладим. У бадхулқ ҳам, кўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмас. У ёмонликни ёмонлик билан қайтармас, балки авф қилур ва кечирур. Аллоҳ унинг воситасида эгри (йўлдаги) миллатни «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дейдиган қилиб тўғриламагунчаунингасло жонини олмас.У билан кўр кўзларни, гунг кулоқларни ва берк қалбларни очади», деди» (Бухорий ривояти); Абдуллоҳ ибн Барийрадан, у киши оталари розияллоху анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар ва уч марта: “Эй одамлар, мен билан сизларнинг мисолингиз нимага ўхшашини биласизларми?!” деб нидо қилдилар. Одамлар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гап шуки, мен билан сизнинг мисолингиз худди устиларига душман бостириб келишидан қўрқиб турган бир қавмга ўхшайди. Улар бир одамни хабар олишга юборибдилар. У кета туриб, бирдан душманни кўриб қолибди. Уларни огоҳлантиришга шошилибди. У қавмига душман ўзининг огоҳлантиришидан олдин бориб қолишидан қўрқиб, кийимини силкитиб, ишора қилиб, «Эй одамлар, келишяпти! Эй одамлар, келишяпти! Эй одамлар, келишяпти!» дебди» (Аҳмад ривояти).

47. Айтинг: «Мен сизлардан бирор ажр сўрамайман, у сизларга бўлақолсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. У ҳамма нарсага гувоҳдир».
Эй Пайғамбарим, ўша куфр ва ширк келтираётганларга айтинг: “Сизларни Аллоҳнинг динига чақириш йўлида бирор дунёвий манфаатга эришиш мақсадим йўқ. Мен сизлардан меҳнатимга ҳақ талаб қилмоқчи ҳам эмасман. Агар сизлар мени бирор нарсани тамаъ қилаётган деб шубҳага бораётган бўлсанглар, очиқ айтиб қўяй: мен хизматимга мукофотни фақат Аллоҳдан умид қиламан. У Зот ҳамма нарсани кўриб-билиб, гувоҳ бўлиб туради. У сизларга илоҳий даъватни етказаётганимга ҳам, сизлар эса уни инкор қилаётганларингизга ҳам У гувоҳ бўлиб турибди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “(Эй Муҳаммад), уларга Нуҳ воҳеасини айтиб беринг. У қавмига айтди: «Эй крвмим, агар орангизда туришим ва Аллоҳ оятларини эслатаётганим сизларга оғир келаётган бўлса, Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал ҳилдим. Маъбудларингиз билан бир-лашиб, билганларингизни ҳилаверинглар. Маҳсадларингизни яшириб ё ваҳтини кутиб ўтирмай, менга чора кўраверинглар; Аммо нега юз ўгиряпсизлар, ахир сизлардан ҳак, сўрамадим-ку! Менинг мукофотим Аллоҳдандир. Унгагина бўйсунишга буюрилганман» (Юнус, 71-72).

48. Айтинг: «Парвардигорим ҳақни (барча ботиллар устидан ҳукмрон бўлиши учун) отур. У ғайбларни аниқ билувчидир».
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига куфр ва ширк келтирган кимсаларга “Парвардигорим ҳақ билан лол қолдиради, У ғайбларни аниқ билади” деб айтишни буюрмоқда. Ояти каримадаги “ҳақ билан лол қолдиради” деб ўгирилган “яқзифу билҳаққи” жумласи икки хил маънони англатади: 1) У Ўз ваҳийлари билан менга ҳақни танитади; 2) У ёлғонни парчалаб, ҳақнинг олға боришини истайди. Аллоҳ таолонинг ҳақиқати шу қадар кенг қамровлики, ҳалигача бирор инсон ўз ҳаётида унинг кичик бир қисмини ҳам кашф эта олмаган. Мана шу Қуръон Парвардигорим юборган энг кучли ҳақдир. Барча ғайбларни жуда яхши биладиган Зот - Аллоҳ таоло юборган ҳақдир. Эй жоҳиллар, Аллоҳ юборган ҳаққа қарши чиқиб, нимага ҳам эриша оласизлар?

49. Айтинг: «Ҳақ келди, ботил бошлай олмас ва қайтара олмайди».
Эй Пайғамбарим, ўша мушрикларга айтинг: “Аллоҳнинг ҳақ дини Ислом келди, имон келди, Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбари келди, Унинг илоҳий Каломи, ҳақ Каломи Қуръони карим келди! Ҳақ келди, ботил энди тамом бўлди, тугади, битди ва йўқ бўлди! Ботил энди бирор нарсани асло янгитдан бошлай олмайди, эски йўлига сира қайта олмайди! Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага кириб келдилар. Каъба атрофида уч юз олтмишта бут бор эди. Шунда у зот қўлларидаги асо билан уларни уриб йиқита бошладилар. У зот: «Ҳақ келди, ботил йўқ бўлди», дер эдилар» (Бухорий ривояти).

50. Айтинг: «Агар мен йўлдан озсам, ўз зараримга озаман. Агар ҳидоят топсам, Парвардигорим менга қилаётган ваҳий сабабли топаман. У эшитувчидир, яқиндир».
Ўша пайтдаги Макканинг кофир ва мушрик кимсалари «Муҳаммад ота-боболаримизнинг йўлидан юрмай, адашиб залолатга кетмоқда» деган гапларни ҳам тарқатишган эди. Аллоҳ таоло ушбу ояти карим орқали у зотга уларнинг ўша иғволарига жавобан нима дейишни таълим беряпти: “Уларга шундай деб айтинг: “Агар сизлар айтаётгандек мен йўлдан озган бўлсам, бунинг зарари сизларга эмас, ўзимга бўлади. Агар ҳақ йўлни топиб, ҳидоятга эришган бўлсам, бунга фақат Парвардигорим менга ваҳий қилаётган нарса туфайли муваффақ бўламан. Пайғамбарлик Аллоҳдан келадиган ваҳий-кўрсатмасисиз амалга ошириладиган иш эмас, Аллоҳ таоло доимий қўллаб-қувватлаб турмаса, ҳатто пайғамбар ҳам адашиб кетиши мумкин. Аллоҳ таоло ана шундай ҳамма нарсани эшитиб турувчи, бандаларига яқин Зотдир”.

51. Агар уларни даҳшатга тушган, қочиб қутулишнинг имкони йўқ ҳолда яқин бир макондан тутиб кетилаётганларини кўрсангиз эди!
Эй Пайғамбарим, сизга исён қилиб, тилларини узун қилаётган, ваҳийларимизни инкор этиб, итоатсизлик йўлини танлаган ўша кофир ва мушрикларнинг қиёмат куни не аҳволга тушганларини бир кўрсангиз эди. Ўша куни улар ҳамма нарсанинг остин-устин бўлиб кетганидан, Аллоҳнинг қаттиқ азобидан кутилишнинг асло имкони йўқлигидан даҳшатга тушишади. Қочиб қаёққа ҳам боришарди? Ўша куни ҳамма нарса Парвардигорнинг ҳукмига қараб турган бўлса,Унинг даргоҳидан бошқа жойга қочишнинг асло имкони бўлмаса? Улардаги олдинги кибр ва ғурурдан асар ҳам қолмаган. Ўзлари азобланадиган дўзах яқинига келтирилиб, кучли, қаҳри қаттиқ, қўпол ва уларга нисбатан шафқатсиз фаришталар сергаклик билан уларни кузатиб туришибди. Ким қимир этса, бир сўз айтса, ҳоли хароб бўлади. Ана шундай ночор бир ҳолда туришганида уларни дўзахда азоблаш ҳақида илоҳий ҳукм ўқилади. Кофир ва мушриклар Аллоҳнинг Пайғамбари ҳақида ҳам, илоҳий Китоб, қиёмат, ўлгандан кейин тирилиш ва динга тааллуқли бошқа ишлар ҳақида хдддан ошиб, бўҳтон-туҳмат гапларни гапирганлари, дунёда Аллоҳга имон келтирмай, Унинг ваҳийларини инкор қилганлари учун ана шундай оғир азобга гирифтор бўлишади.Ўзларининг куфр ва ширклари бошларига бало бўлди. Дўзахнинг азоб фаришталари уларни жаҳаннамга яқин жойдан тутиб кетиб, абадий азоб макони бўлмиш дўзах сари элтишади ва пешона сочларидан ушлаб, дўзахга ташлашади.

52. Шунда улар: «Унга имон келтирдик», дейишади. Энди узоқ жойдан (имонга) қандай ҳам қўллари етсин?!
Аллоҳ таолонинг ваҳийларига куфр келтирган, Унга турли нарсаларни шерик қилган кофир ва мушриклар мангу азоб жойи бўлмиш дўзахга ташлаш учун олиб кетилаётганда бирдан тавбага шошиб қолишади, имон келтирганларини изҳор қилишади. «Аллоҳга имон келтирдик, Унинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтирдик, Унинг Китоби Қуръонга имон келтирдик», дейишади. Аммо ҳукмлар ўқилиб, сиёҳи қуриган қиёмат куни уларнинг бу кечиккан имонлари фойда берармикин? Имонни осонлик билан қўлга киритиладиган бу дунёда имондан бебаҳра ўтишдию, энди унга охиратдан туриб, қўл узатишлари жонларига оро кирармиди, нажот эшигини очармиди?! Улар гуноҳдан сўнг дарҳол тавба қилиш вожиб эканини билишмасмиди?! Чунки гуноҳларни ҳис қилмаслик, ўнгланишни ўйламаслик, фақат ёмонликка берилиш шайтоний феъллардан саналади, ёмонликдан тезда яхшиликка қайтиш эса инсоний заруратдир. Тавбани кечиктириш мумкин эмаслигини англаган киши дарҳол яхши амалга ўтади, ўзини ёмон ишлардан тия бошлайди, хатоларини тан олиб, ўнгланишга ўтади. Аммо бу кимсалар дунё ҳаётида тавбага етиша олмай, икки дунё саодатини бой берганларини билишармикин?!

53. Ҳолбуки, олдин унга куфр келтирган эдилар, узоқдан туриб ғайбга тош отар эдилар.
Куфр ва ширк чангалига тушган бу бебахт кимсалар дунё ҳаётидаёқ Аллоҳга ҳам, Унинг Пайгамбари ва Китобига ҳам куфр келтиришган, буларни ёлғонга чиқариб, инкор қилишган эди. Бу ҳам етмагандай, дунёдан туриб охиратда рўй берадиган ғайбий (яширин) нарсаларга, хусусан, қиёматнинг келишига, охират дунёсига, ўлгандан кейин қайта тирилишга, жаннат ва дўзахга, мукофот ва азобга ҳам ишонмай, буларга туҳмат тошларини отишар эди. Мана қиёмат келди, ўзлари ишонмаган ҳамма нарса рўёбга чиқди, қилмишларининг қаттиқ азобини тотиш қолди, холос.

54. Худди олдинги маслакдошларига қилингани каби улар билан ўзлари истайдиган нарсалар ораси тўсиб қўйилди, зеро, улар шак-шубҳада эдилар.
Ушбу ояти каримада эзгулик билан ёвузлик, имон билан куфр, ҳидоят ва залолат ўртасидаги мангу давом этадиган ихтилоф зикр қилинмоқда. Кофир ва мушрик кимсалар фақат дунёларини ўйлаб, охиратларини эсдан чиқаришган эди. Олдинги қавмларга қилингани каби Макка мушрикларига ҳам улар билан ўзлари истайдиган нарсаларнинг ораси тўсиб қўйилди. Улар дунё ҳаётини севишгани учун охиратларидан маҳрум бўлишди.Улар нафс ва шайтон йўлига киришгани учун имон ва ҳидоятдан қуруқ қолишди. Улар Аллоҳни кўйиб, бут-санамларга сиғинишгани учун мушриклик чоҳига тушиб кетишди. Имонлари бўлмагани учун куфр йўлини танлашди. Хулласи, эзгулик ва зулм, ҳидоят ва залолатни танлашда кибр ва ғурурга бориб, нотўғри йўлга кириб кетишди. Аллоҳга, Унинг Пайғамбари ва Китобига имон келтиришмагани учун охиратда хор-залил бўлиб, қаттиқ азобларга гирифтор бўлишди. Имон ва куфр орасида ҳақни топа олмай, иккиланиб, адашиб юрганларнинг ҳоли ҳамиша шундай бўлган ва шундай бўлади ҳам. Алий розияллоху анху дунё ва охиратга учта мисол келтирганлар: «Бу иккиси тарозининг икки палласига ўхшайди (Бирини оғирлатсангиз, иккинчи енгиллашади.) Машриқ ва мағрибга ўхшайди (Бирига яқинлашсангиз, иккинчисидан узоқлашасиз.) Яна икки кундошга ўхшайди (Бирини рози қилсангиз, иккинчиси хафа бўлади)».

Орқага Олдинга