loader

032. Сажда сураси

Маккада нозил бўлган, 30 оятдан иборат.

Қуръони каримнинг ўттиз иккинчи сураси Сажда номини олган, Маккада нозил бўлган, 30 оятдан иборат. Сура Қуръони каримнинг шубҳасиз Аллоҳтаоло томонидан Муҳаммад алайҳиссаломга туширилган Китоб эканини таъкидлаш билан бошланади.Унда мушрикларнинг ёлғончи экани айтилади. «Ўлгандан кейин ҳеч қачон тирилмаймиз» деган кимсаларнинг сўзи аниқ ҳужжатлар билан рад этилади. Охират ва қиёмат ҳақ экани, мўминлар учун ажр-мукофотлар, Аллоҳни унутган кимсалар учун жазо-азоблар борлиги ҳақида огоҳлантирилади. Сурада сажда ояти борлиги учун у «Сажда сураси» деб ном олган.
Сажда сураси бошқа маккий суралар каби асосан ақида масаласига бағишлангандир. Хусусан, ушбу сурада Аллоҳ, охират куни, илоҳий китоблар, пайғамбарлар, қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб мавзулари ҳақида гап боради. Улар бошқа суралардан фарқли равишда, ўзига хос услуб билан муолажа қилинади. Шунингдек, бу сурада инсоният тарихида янги уммат - Ислом уммати туғилгани ҳам эълон этилади. Бу янги уммат аъзолари қандай сифатларга эга экани айтилади. Сўнгра Мусо алайҳиссалом ҳақида сўз кетиб, у зот билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари бир хил экани баён қилинади, пайғамбарларнинг сабрлари ҳақида сўз юритилади. Ўтган замонда ғофил бўлиб, куфр билан ўтганларнинг оқибати нима бўлгани эслатиб ўтилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Алиф лаам мийм.
Бу каби кесик, якка ҳарфлар ҳақида бошқа сураларда батафсил сўз юритилган, буларнинг маъносини Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот билмайди. Бу ҳам Қуръони каримнинг сўзсиз илоҳий Китоб эканига далолат қилади.

2. Китобнинг нозил қилиниши ҳеч шубҳасиз оламларнинг Парвардигоридандир.
Ҳозиргача бирор сўзамол нотиқ бўладими ёки довруғи дунёга кетган шоир бўладими, барча билимларни эгаллаган атоқли олим ёки ҳикмат конини топиб олган донишманд бўладими, барибир ҳеч бир зот Қуръони каримга ўхшаш китобни ёки унинг бирор оятига ўхшаш жумлани келтиришга қодир бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Ҳақиқатан, ақлларни лол қолдирувчи, мўъжизалари билан ҳайратга солувчи ушбу Китоб барча оламларнинг буюк Парвардигори, бутун махлуқотларнинг ягона тарбияткунандаси Аллоҳ таоло томонидан нозил қилингандир. Унинг Аллоҳ таоло нозил қилганига ҳеч қанай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас!

3. Балки «Уни ўзи тўқиб олган» дейишар? Йўқ, у сиздан олдин бирор огоҳлантирувчи келмаган қавмни огоҳлантири-шингиз учун Парвардигорингиздан ҳақдир. Шояд, улар ҳидоят топишса!
Яъни, Қуръони каримнинг Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлганига шубҳа билдирувчилар илоҳий марҳаматдан бебаҳра қолган жоҳил ва нодон кимсалардир. Бу самовий китобни “Пайғамбарнинг ўзи тўқиб ёзган” дея иддао қилувчилар Аллоҳнинг қудратига ва мўъжизаларига ишонмайдиган, қалб кўзи кўр, ақли ноқис кимсалардир. Макка мушриклари ўзларининг бу даъволари билан илоҳий ваҳийнинг қадрини туширмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ таоло мушрик қавмларни Ўз азобидан огоҳлантиришлари учун у зотга нозил қилган илоҳий дастуридир. Бу зотга қадар араб мушрикларига бирор меҳрибон элчи келмаган, Исмоил алайҳиссалом билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрталарида араблардан бирорта пайғамбар ўтгани маълум эмас. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақ Китоби - Қуръони каримни нозил қилиб, ана шу жаҳолатда қолган қавмни огоҳлантириш учун пайғамбар этиб юборди. Бу Китоб ҳар тарафлама ҳақдир, бундан бошқаси ботилдир. Аллоҳ таоло уларга залолатдан қайтишлари, ширкни тарк этиб, тавҳидга, зулматни қўйиб, ҳидоятга, нурга юришлари учун ушбу ҳақ Китобни нозил қилди. Агар араблар ушбу неъматнинг қадрига етишса, ўзлари учун саодат эшикларини очган бўлишади. Агар ундан бебаҳра қолишса, ўзлари учун зарар ва катта кулфат бўлади. Ўз фойдасини кўзлаган, бахту саодат излаган ҳар бир инсон Қуръони карим ҳидояти билан ҳаёт кечирса, дунё ва охиратдаги энг катта бахтни қўлга киритган бўлади.

4. Аллоҳ осмонлару Ерни ва улар орасидаги ҳамма нарсани олти кунда яратиб, сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир. Сиз учун Ундан ўзга дўст ҳам, қўлловчи ҳам йўқдир. Эслатма олмайсизларми?!
Яъни, Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни ҳамда улар орасидаги барча нарсани олти кунда яратди. Сўнгра Аршга истиво қилди. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирор дўст ҳам, қўлловчи ҳомий ҳам йўқдир. Нега мана шу ҳақиқатдан эслатма олиб, Парвардигорингизни танимайсизлар, Унга имон келтирмайсизлар? “Осмонлару Ернинг олти кунда яратилиши” деганда одамлар тушунчасидаги муҳлатни тушунмаслик керак. Бунинг ҳикмати ва сирлари ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина маълум. Муфассирлар бу ҳақда турли фикрларни айтган бўлишса-да, аммо кўплари буни Аллоҳга ҳавола этишни маъқул кўришган. Айрим тафсир олимлари: «Оятдаги «олти кун» ушбу дунёдаги олти кун билан тенг, Аллоҳ хоҳлаганида, ҳаммасини кўз очиб-юмгунча яратиб қўяр эди-ю, аммо бандаларига шошилмасликни ўргатиш учун шундай қилган», дейишади. Бошқа баъзи муфассирлар эса: «Одатдаги кунларимиз вақт ўлчови сифатида осмонлару Ер яратилганидан сўнг жорий бўлган, ҳозирги «кун» деб айтилаётган вақт ўлчови Ернинг ўз ўқи атрофида бир марта айланиш муддатидир. Лекин Ер яратилмасидан аввал бу ўлчов қандай бўлган бўлиши мумкин деб, оятдаги «кун»нинг маъносини ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи билади», дейишади. Ушбу ояти каримадаги “Аршга истиво қилиш” масаласи ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи биладиган, олимлар ўртасида кўплаб тортишувларга сабаб бўлган ғайбий (яширин) ишлардандир. Бу ҳақда Аъроф ва Юнус суралари тафсирида батафсил баён қилинган. Бу ҳақдаги биргина ривоятни келтириш билан кифояланамиз. Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан ривоят қилинади: «Биз Моликнинг ҳузурида эдик. Шунда бир одам кирди ва: “Эй Абу Абдуллоҳ, «Раҳмон Аршга истиво қилди. Қандай истиво қилди?” деди. Шунда Молик бошини қуйи солиб турди, уни титроқ босди. Сўнгра бошини кўтариб: “Раҳмон Аршга истиво қилди. Ўзи уни қандай сифатлаган бўлса, шундай бўлди. «Қандай бўлди?» деб сўралмайди. Унинг кайфияти маълум эмас. Сени бидъатчидан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман. Олиб чиқинглар буни, деди». Бошқа бир ривоятда келишича, имом Молик: «Истиво маълум, кайфияти мажҳул, унга имон келтириш вожиб, бу ҳақда савол сўраш бидъатдир. Мен сени аҳли залолатдан деб биламан», деди ва уни ҳайдаб чиқаришга буйруқ берди.

5. У осмондан Ергача ҳамма ишнинг тадбирини қилади. Сўнгра булар сизларнинг ҳисобингизда минг йилга тенг бўладиган Кунда Унга кўтарилади.
Аллоҳ таоло осмонлар ва Ер орасидаги барча мавжудотларининг фаолиятини бошқариб, низомга солиб, тадбирини қилиб туради. Борлиқдаги ҳамма нарса Парвардигорнинг амрига бўйсунган, Унга ҳар соҳада итоатда бўлган ҳолда ҳаракат қилади. Ҳеч бир нарса Унинг иродасидан ташқарида бўлмайди, ўзича фаолият юритмайди. Махлуқотларининг ҳар бир қилган амаллариишлари инсонлар ҳисобидаги минг йилга тенг бўладиган Кунда Унинг ҳузурига кўтарилади ва Аллоҳ буларни Ўзи ҳисоб-китоб қилади. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳамма ишларнинг тадбирини қилиб қўйгани учун улар унутилиб ҳам, натижасиз ҳам қолиб кетмайди, балки қиёмат куни яна Аллоҳнинг ҳузурига олиб чиқилади.

6. Ана шу Зот яширин ва ошкорни билувчидир, қудратлидир, раҳмлидир;
Аллоҳ таоло борлиқдаги барча яширин ва ошкора нарсаларни билади, ҳеч бир зот Унинг илмидан тўла хабардор эмас. Аллоҳ таоло шунчалар қудратли ва ҳикмат эгасидирки, барча махлуқотни билиб яратган, уларга тақдир ва ажални белгилаб қўйган. Буларни яратмасидан олдин ҳам ҳеч нарса Унга махфий-яширин эмасди. Махлуқотларни яратмасидан олдин уларнинг нима қилишини билган. Унинг қазо ва тақдирини ҳеч ким тўса олмайди. Унинг хукмини ҳеч ким ортга суролмайди ва амри ҳамиша ғолибдир. Ҳадиси шарифда шундай келган: «Парвардигорини эсга олувчи билан Парвардигорини эсламайдиган кимса ўлик билан тирикка ўхшайди». Шунинг учун бандалар ҳамиша Аллоҳни эслашлари, Унинг зикри билан машғул бўлишлари, Унинг тоати ва ибодатида ғайрат кўрсатишлари зарур.

7. ҳамма нарсани гўзал қилиб яратган, инсоннинг яратилишини эса лойдан бошлаган Зотдир.
Аллоҳ таоло осмонлардаги ва Ердаги ҳамма нарсани, улар орасидаги жонли ва жонсиз мавжудотларни яратибгина қолмай, уларни гўзал кўринишда, энг моҳир мусаввирлар ҳам ўхшата олмайдиган чиройли суратда яратган. Инсондаги бу гўзал хилқат, бу ажиб юз, хушбичим қомат, кўркам қош-кўзлар, мутаносиб қўл-оёқлар, бир нафас ҳам ором олмай, тўхтовсиз ва беминнат ишлайдиган ички аъзоларнинг гўзаллиги, мукаммал ишлаши, уларнинг ўта уйғунлиги ҳар қандай одамни ҳайратга солмай қўймайди. Минглаб мўйқалам усталари ўхшатиб чизолмаган, минглаб шоирлар таърифини келтиролмаган инсон аъзоларининг Яратувчиси, Мусаввири - Аллоҳ таолонинг Ўзидир! Инсоният илм-фанда қанчалик илгарилаб кетмасин, неча-неча кашфиёт ва ихтиролар қилинмасин, Аллоҳнинг ҳикмати, мўъжизаси олдида буларнинг ҳаммаси ўз жозибасини, қимматини йўқотиб қўяверади. Коинотнинг қатъий ва мустаҳкам тартибида, табиатнинг бузилмас қонунларида, олам яралишининг гўзаллигида, бизни ўраб турган теварагимиздаги ҳамма нарсаларда Аллоҳнинг қудрати ва чексиз ҳикмати яққол кўриниб турибди. Ҳаёт лаззатлари ва жозибалари-да, дарахтларнинг япроқлари-ю товус патининг рангин товланишида, капалакларнинг чиройли қанотлари-ю гулларнинг хушбўй ҳидида, булбуллар хониши-ю чақмоқнинг чақнашида, шамоллар шовқини-ю кишиларнинг фикр-амалларида, “коинот” деб аталган бу улкан уйғунликдаги юлдузлар ҳамда сайёраларнинг ўзаро боғлиқлигида Аллоҳ таолонинг буюк Холиқлиги, Мусаввирлиги, Ҳикмат эгаси экани яққол кўриниб турибди. Ояти карима охирида Аллоҳ таоло инсоннинг яратилишини лойдан бошлагани хабарини беряпти. Дарҳақиқат, инсонларнинг асли Одам алайҳиссломни Аллоҳ тупроқдан-лойдан яратган ва унга Ўз руҳидан жон киритган.

8. Сўнгра унинг наслини ҳақир сув сулоласидан қилди.
Одамни илк бор лойдан яратган Аллоҳ таоло унинг кейинги наслини сув сулоласидан қилди. Арабча “сулала” сўзи бутуннинг энг яхши, афзал қисми деган маънони билдиради. Бизнинг давримизга келиб маълум бўлдики, тухум ҳужайрани урчитиш учун миллионлаб маний (сперматозоид) ичидан бир донаси кифоя қиларкан.Ўша бир дона сперматозоид Қуръонда сулала деб аталмоқда. Яна шуни ҳам биламизки, аёл кишидаги ўн минглаб тухум ҳужайралардан атиги биттаси уруғланади. Ўн минглаб тухум ҳужайралар ичидаги ўша бир донаси ҳам Қуръонда сулала деб аталади. Бу ҳам чиқарилувчи суюқликнинг яхши қисми деган маънода келмоқда. Бу ерда тилга олинаётган суюқлик эркакда ҳам, аёлда ҳам мавжуд. Тухум ҳужайра ҳам, уруғ ҳужайра ҳам уруғланиш жараёнида ўз ўринларидан оҳиста чиқарилади. Аллоҳ таоло шунчалар қудратлики, ҳеч нарсага арзимайдиган, аслида инсоннинг ўзи ҳам жирканадиган сувдан шунчалик мураккаб, олиймақом ва гўзал бир инсон яраладиган қилиб қўйди. Буни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким қила олмайди.

9. Сўнгра уни ростлади ва ичига руҳидан пуфлади, сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни пайдо қилди. Қанчалар кам шукр қиласизлар а!
Яъни, Аллоҳ таоло инсонни ҳақир сувдан пайдо қилгач, онасининг қорнидаёқ ҳамма керакли аъзоларни бериб, мукаммал инсон ҳолига келтириб ростлади, сўнгра унинг ичига Ўз руҳидан пуфлаб, жон киритди. Инсон учун бундан улуғ шараф, бундан ортиқ марҳамат бўлиши мумкинми? Аллоҳ таоло унинг ичига Ўз руҳидан жон пуфламадими, унга мукаммал ишлайдиган тана аъзоларини ато этиб қўймадими? Она бачадонида, ҳеч ким дахл қилолмайдиган ана шу жойда, бир неча қават парда остига яшириб қўйилган ердаги ҳомилага бирин-кетин суяк, кўз, қулоқ, бурун, қўл-оёқ, қош-киприк ва бошқалар аъзоларнинг ҳужайраларини ўрнаштирмадими? Аллоҳнинг қудратини, мўъжизаси ва ҳикматини қарангки, аъзолардан бирининг ўрнига бошқаси ўрнашиб олмайди, кўз қоринга жойлашмайди, оёқ пешонадан ўсиб чиқмайди. Ана шу илоҳий жараёнларнинг бирортасига эр ҳам, хотин ҳам, ҳатто билағон табиблар ҳам аралаша олмай, фақат томошабин бўлиб туришаверади. Инсоннинг аввали лой, кейин насли ҳақир бир сувдан тарқалиши инсон яратилишининг ибтидоси эди. Кейин ростлаб, унга шакл-сурат берилди, унга руҳ пуфланди, шундан кейин инсонда эшитиш, кўриш, дил пайдо қилди ва ниҳоят у Одамга айланди.
Инсон бунча лутф ва марҳаматга жавобан Парвардигорини таниши, Унга имон келтириши, ўзини мана шу гўзал суратда яратгани учун У Зотга беҳисоб шукрлар айтиши лозим эди. Аммо одамизод бундай қилмади, инсонларнинг аксарияти Аллоҳга имон келтирмади, У Зотга куфр, ширк келтириб, осий бўлди, гуноҳларга қўл урди ва шу тариқа Парвардигорига куфрони неъмат қилди. Тана ва аъзоларимизнинг мукаммал яратилгани, ҳар бир аъзоимизнинг бенуқсон ишлаётгани, ақл-идрок, ҳис-туйғуларнинг ато этилгани учун Холиқимиз ва Парвардигоримизга ҳамиша шукр айтишга, мақтов ва ҳамдлар йўллашга буюрилганмиз. Одамлар жаҳолат ва ғафлатда бўлганидан неъмат шукрини айтишдан узоқдалар. Бунинг оқибатида улар неъмат қадри ва аҳамиятини билишдан маҳрумдирлар. Улар шукрнинг маъноси - неъматни ундан ирода қилинган том ҳикматда ишлатиш эканини билишмайди. Бу ҳикмат эса - Аллоҳ таолога тўла итоат этиш ва шукр айтишдир.

10. Улар: «Биз ер остида йўқ бўлиб кетгач, яна янгидан яратиламизми?!» дейишади. Йўқ, улар Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилувчилардир.
Кофир кимсалар Аллоҳга имонлари бўлмаганидан кейин ўлгандан кейин яна қайта тирилишларига, қиёмат куни Парвардигорга рўбарў бўлишларига ҳам ишонишмайди. Улар «Биз ўлганимиздан, қабрга кўмилганимиздан, ер остида чириб, йўқ бўлиб кетганимиздан кейин ҳам яна янгитдан тириламизми?» дейишади. Инсон наслини бир томчи ҳақир сувдан яратган Аллоҳга у вафот этганидан кейин қайтадан тирилтириш қийин эмас. У шундайин қудратли Зотки, инсон танаси қабрда чириб, фақат бир ҳовуч суяк қолганида ҳам, ёки унинг жисми батамом ёниб кетиб, кулга айланганида ҳам, танаси сув остида қолиб чириб кетганида ҳам тирилтира олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У айтди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Сурга) икки пуфлашнинг ораси қирқдир», дедилар (Йилми, ойми, кунми Абу Ҳурайра эслолмаган). Сўнгра “Инсоннинг бирор нарсаси йўқки, чириб битмаса. Фақат биргина суяк мустасно бўлиб, у ажбуз-занабдир. Қиёмат куни хилқат ўшандан таркиб олади. Кейин Аллоҳ осмондан сув туширади. Шунда улар (одамлар) ўт ўлан каби униб чиқишади», дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти). Изоҳ: «Ажбуз-занаб» - умуртқанинг энг сўнгги поғонасида, думғазада жойлашган, седанадек келадиган инсон уруғидир.

11. (Эй Муҳаммад), «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни олади, сўнгра Парвардигорингизга қайтариласиз», деб айтинг.
Аллоҳ таоло севимли Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, кофирлар ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор этганлари билан Аллоҳ ажали етган ҳар бир бандасини жони қабз қилиб олади, бу вазифани уларга юборилган ўлим фариштаси бажаради. Одам боласининг ўлими ҳам, тирилиши ҳам ўз ихтиёри билан бўлмайди, Аллоҳ хоҳлаганида уларнинг жонини истаган ерида, истаган ҳолатда қабз қилаверади. Инсонларнинг жонини олишга улуғ фаришталардан Азроил алайҳиссалом вакил қилинган. Худди шу каби инсон ўзи хоҳлайдими-йўқми, қиёмат келганида Аллоҳнинг амри билан қайта тирилади. Ана шунда Парвардигори унинг дунё ҳаётидаги амаллари юзасидан савол-жавоб қилиб, қилмишларига яраша мукофот ёки жазо беради. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий”ида ушбу ривоят келтирилган: “Бир куни Сулаймон алайҳиссалом дўстлари билан ўтирган эди. Шу пайт ўлим фариштаси Азроил алайҳиссалом кириб, ўтирганлардан бирига диққат билан қаради. У одам ҳазрати Азроилнинг бундай қарашидан жуда қўрқиб кетди. Сўнгра Сулаймон алайҳиссаломга: “Эй Пайғамбарим, менга ёрдам қилинг, ҳозиргина Азроил алайҳис-салом менга жуда қаттиқ тикилиб қаради, жонимни олса керак?” деди. “Хўш, нима қилай, мендан нима истайсан?” деб сўради ундан ҳазрати Сулаймон. “Шамолга буюринг, мени бир зумда Ҳиндистонга элтиб ташласин. Шояд шунда Азроил панжасидан қутулиб қолсам...”. Сулаймон алайҳиссалом унинг истагини бажо келтирди. Шамолга буюриб, уни Ҳиндистонга жўнатди. Эртасига яна Азроил алайҳиссалом кўришиш учун Ҳазрати Сулаймоннинг олдиларига келди. Суҳбат асносида Сулаймон алайҳиссалом ундан: “Кечаги одамга бунчалар тикилиб қолганингиз сабаби нима эди?” деб сўради. “Шунда Азроил алайҳиссалом бундай деди: “Аллоҳ таоло менга у одамнинг жонини Ҳиндистонда олишни буюрган эди. Унинг олдингизда ўтирганини кўриб, жуда ҳайрон бўлдим. Аллоҳнинг амрини янглиш англадиммикин, дея ҳайратландим. Шу боис, унга диққат билан тикилган эдим... Буйруқни тўғри англаган эканман. Орадан бироз ўтгач, Ҳиндистонга бордим. Уни ўша юртдан топиб, жонини олдим”.

12. Агар гуноҳкорларнинг Парвардигорлари ҳузурида бошларини эгган ҳолда: «Парвардигоримиз, кўрдик, эшитдик. Энди бизларни қайтар, яхши амал қилайлик, бизлар аниқ ишонувчилармиз» дейишларини кўрсангиз эди.
Куфр келтирган кимсаларнинг қиёмат кунидаги аҳволи жуда аянчли ва оғир бўлади. Улар дунё ҳаётида қиёматнинг келишини тан олмай, инкор қилиб юришган эди, Аллоҳнинг ҳақ ваъдаси рўёбга чиқиб, мана қиёмат қойим бўлиб турибди. Улар қайта тирилишларига ҳам ишонмай юришган эди, мана қабрларидан тирилиб чиқиб, Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб бериш учун Маҳшаргоҳга тўпланишди. Парвардигорларинининг азоби ҳақида огоҳлантирилганда буни ёлғонга чиқаришган эди, мана энди қилмишлари учун Аллоҳ уларни дўзахда мангу жазолаши аниқ бўлиб турибди. Мана шундай ночор қолган кимсалар Аллоҳнинг хузурида ўзларини хор тутиб, бошларини эгган ҳолда: “Парвардигоро, олдин ишонмаган нарсаларимизга энди ишондик, Сен ваъда қилган нарсаларнинг рўёбга чиққанини кўзларимиз билан кўрдик, қулоқларимиз билан эшитдик, энди бизларни яна дунёга қайтарсанг, яхши амалларни қилиб, Сенга итоатда, ибодатда бўлишга сўз берамиз”, деб нола-илтижолар қилишади. Аммо уларнинг бу нолаларига ҳеч ким эътибор бермайди. Чунки уларнинг ўнгланиши, Парвардигорларини таниши учун дунёда уларга муҳлат берилган эди, аммо улар ўшанда Аллоҳга имон келтиришмади, Пайғамбарини ёлғончига чиқаришди, илоҳий амрларни инкор қилишди. Энди ана шу қилмишлари учун оғир ва аламли азобларни тотишлари муқаррардир!

13. Агар хоҳлаганимизда ҳар бир жонга ўз ҳидоятини берган бўлар эдик, лекин Мен томонимдан «Дўзахни жинлар ва одамларни жамлаб тўлдираман» деган сўз ҳақ бўлди.
Борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг изни-иродасига кўра рўёбга чиқади. У Ўзи хоҳлаган нарсани ҳеч қандай тўсиқ ва қийинчиликсиз амалга оширади. Ҳидоят ва залолат масаласида Аллоҳ-нинг хоҳиши мустақил бўлиб, У бунда ҳеч кимга бўйсунмайди, Ўз фаолияти хусусида ҳеч кимга ҳисобот ҳам бермайди. Аллоҳ хоҳлаган ишини қилади, аммо буни одиллик билан қилади, чунки У адо-латли зотдир. Аллоҳ таоло ҳидоятга муносиб зотнинг асло залолат ботқоғига ботишига йўл қўймайди. Худди шу каби залолатга лойиқ кимсага ҳаргиз ҳидоят қилмайди. Инсон ақли билан ҳидоят йўлини топиши керак, у ақл воситасида эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва қабиҳлик, ҳақиқат ва ботил фарқларини ажратиб олиши лозим. Ҳур фикрли ва ташқи таъсирларга дучор бўлмаган ақл атроф-борлиққа назар ташларкан, сўзсиз унинг хулосаси Аллоҳ маърифати билан ниҳояланади. Ваҳоланки, Аллоҳ коинотдаги собит ҳақиқатларга ақл кўзи билан қараб, ундан мантиқий ҳукм чиқармаган кимсаларни қоралайди. Аллоҳ хоҳлаганида ҳар бир бандасини ҳидоятга йўллаган, ҳидоятини ўзи билан бирга қилиб қўйган бўлар эдик». Бу иш Аллоҳтаоло учун асло қийинчилик туғдирмай, маҳол бўлмайди. Одамларни ҳам, ҳайвонотга фитрий илҳом берганидек, биров ўргатмаса ҳам ўзидан-ўзи ҳидоятга юриб кетадиган ёки фаришталарга ўхшаб, гуноҳ эта олмайдиган қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо Аллоҳ инсонни айрича табиат билан яратди, унга ақл, ирода, истак, шаҳват берди. Пайғамбар юбориб, китоб нозил қилди. Ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатди. Бу дунёдаги вазифасини тушунтирди. Лекин У Зотнинг «Дўзахни жинлар ва одамларни жамлаб тўлдираман» деган сўзи ҳақ бўлгани учун инсонлар қаршисига ҳидоят ва залолат йўлини баравар қўйди. Ким ақлини ишлатиб, Аллоҳни таниса, ҳидоят йўлига юради, ким Парвардигорига исён қилиб, Унинг ваҳийларини инкор қилса, залолатга кетган бўлади.

14. Ушбу кунингиздаги рўбарў бўлишни унутганингиз туфайли тотинглар. Дарвоқе, Биз ҳам сизларни “унутдик”. Қилмишларингиз сабабли мангу азобни тотинглар!
Аллоҳ таоло қиёмат куни Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор этиб, бу ҳақиқатни эсдан чиқарган кофир ва мушрик кимсаларга хитобан айтяптики, сизлар дунё ҳаётида бизга учрашни тан олмай юрган эдинглар. Мана энди Биз ваъда қилган қиёмат келди. Бугун ҳеч ким бошқасининг жонига оро кирмайди, биров бошқасига ёрдам бера олмайди, ҳеч кимнинг сўзи ўтмайди. Мана шундай ночор ва абгор ҳолда қолганингизда Биз ҳам сизларни “унутдик”. Аслида, ҳамма нарсадан воқиф Аллоҳ таоло ҳеч нарсани ва ҳеч кимни унутмайди, балки, уларнинг қилмишларига яраша худди унутгандек муомала қилади. Бу эса кофир ва мушрикларнинг бошига келган моддий азоб устига қўшилган маънавий азобдир. Кофирлар бу дунёда қиёмат кунига рўбарў бўлишларини унутиб, куфр келтирадилар, гуноҳлар қиладилар. Шу туфайли Аллоҳ таоло уларни қиёматда уларнинг ҳолига ачинмайди, жаҳаннамга ташлайди. Уларга худди унутиб қўйгандек муомала қилиб, уларни жаҳаннам азобидан қутқармайди ҳам. Шу тариқа улар қилмишларининг азобини тотиб, дўзахда абадий қолиб кетишади.

15. Оятларимизга улар билан насиҳат қилинганида саждага йиқиладиган, Парвардигорларига мақтов билан тасбеҳ айтадиган ва мутакаббирлик қилмайдиганларгина имон келтиришади.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло нозил қилган ваҳийларга имон келтирувчи солиҳ бандаларнинг сифатлари васф қилинмоқда. Аллоҳ таолонинг оятларига улар билан насиҳат қилинганида, яъни оятлар билан Парвардигор эслатилганида дарров саждага борадиган, яратган Парвардигорларига мақтов-санолар билан тасбеҳ айтадагидан, бунда асло кибрга бормайдиган бандаларгина имон келтиришади. Ушбу ояти карима Қуръони каримдаги сажда оятларидан биридир. Уни ўқиган ёки эшитган одамга тиловат саждаси қилиш вожиб бўлади. “Сажда” сўзи луғатда «пешонани ерга қўйиш» маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда намозхоннинг икки оёқ панжалари, тизза ва икки кўлга таяниб, пешона ва бурнини жойнамозга кўйиши «сажда» дейилади. Намоз ибодатларнинг энг фазилатлиси бўлса, сажда намознинг энг муҳим рукнидир. Пайғамбар алайҳиссалом: «Банданинг Парвардигорга энг яқин бўлган пайти сажда ҳолатидир, сажда қилган ҳолда Аллоҳга кўп-кўп дуолар қилинглар», деб таълим берганлар. Намозхон ҳар гал сажда қилганида уч мартадан «Субҳана Роббиял-аъло» деб Аллоҳни улуғлайди. Савбон розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Сен Аллоҳга кўп сажда қилишни ўзингга лозим тут. Қачон сен Аллоҳ учун бир сажда қилсанг, Аллоҳ даражангни бир поғона кўтаради ва у билан битта хатоингни ўчиради», деганлар» (Муслим ва Термизий ривояти).

16. Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан узоқ бўлади. Парвардигорларига қўрқув ва умид билан дуо қилишади ҳамда Биз уларга ризқ қилиб берганларимиздан нафақа-эҳсон қилишади.
Аллоҳга имон келтирган бандаларнинг сифатларидан яна бири уларнинг ёнбошлари ётадиган ўрин-жойларидан узоқда бўлиши экан. Яъни, улар ҳамма уйқуда ётганида оромларидан кечиб, Аллоҳнинг розилиги учун тунги намозларни адо этадиган инсонлардир. Бунда Аллоҳнинг оятларига ҳақиқий имон келтирган одамлар хос сифатлари билан ажралиб туришлари яна эслатилмоқда. Ҳақиқатан, ярим тунда туриб, фақат Парвардигорнинг розилигини истаб ибодат, дуо-илтижолар қилишнинг фазилати ниҳоятда улуғ. Бундай ибодатларга риё аралашмайди, чунки унинг ярим кечада ибодат қилаётганини ҳеч ким кўрмайди, мақтаб гапирмайди. Бундай кишилар зиммаларидаги бандалик масъулиятини чуқур ҳис этиб, Аллоҳ азза ва жалланинг раҳматидан умидвор бўлишади. Айниқса, туннинг маълум қисмида туриб, таҳажжуд намозини адо этишнинг савоби ниҳоятда улкан. Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир. Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) қил, сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени Мақоми маҳмудда тирилтирса», деган. Ушбу оят орқали таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз «таҳажжуд намози» деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» деб ҳам аталади. Аввал бошида бу намоз вожиб бўлган эди, бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган.
Абу Умома розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир, ёмонликларга каффоротдир, гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейилган (Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривояти). Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади. Таҳажжуд хуфтондан сўнг ухлаб, кечанинг иккинчи ярмида бедор бўлишдир.Уйғонишига ишончи бўлмаса, хуфтон намозидан кейин ўқиб олса ҳам жоиз. Таҳажжуд намозига уламолар: «Ҳар бир хуфтондан кейин ўқилган намоз» деб таъриф беришган. Афзали эса, бир ухлаб тургандан сўнгўқишдир.
Улуғ саҳобийлардан Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарга чиққан эдим. Бир куни юриб бораётиб, у кишига яқинлашдим-да: “Эй Аллоҳнинг Набийи, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, дедим. У киши: “Ҳақиқатан улуғ нарсани сўрадинг. Аммо у Аллоҳ осон қилган одамга осондир”, дедилар. Сўнгра давом этиб: “Аллоҳга ибодат қиласан ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Намозни тўла-тўкис адо қиласан. Закот берасан. Рамазон ойи рўзасини тутасан. Байтуллоҳга ҳаж қиласан”, дедилар. Сўнгра: “Сени яхшилик эшикларига йўллаб қўяйми?! Рўза - сақловчи тўсиқдир. Сажда хатони ўчиради ва кишининг тун оғушида ўқиган намози, - дедилар-да, «...ёнбошлари ётар жойдан узоқ бўлади» оятини ва (кейинги оятни) ўқидилар» (Аҳмад ривояти).
Молик ибн Динор айтади: “Анас ибн Молиқцан ушбу оят ҳақида: “Ким ҳақида нозил бўлган?” деб сўрадим. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан айримлари шомдан охирги хуфтонгача намоз ўқишарди. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида ушбу оятни нозил қилди”. Ҳасан ва Мужоҳид эса: “Бу оят кечаси намозни қойим қиладиган, уйқудан кечиб таҳажжуд ўқийдиганлар ҳақида нозил бўлган”, дейишади.

17. Уларга қилиб ўтган амалларининг мукофоти учун яшириб қўйилган кўз қувончларини ҳеч ким билмайди.
Яъни, Аллоҳ таолонинг ваҳийларига имон келтирган, ҳар гал ваҳийлар эслатилганда саждага борадиган,У Зотни мақтовлар билан поклаб эслайдиган, айни пайтда мутакаббирлик қилмайдиган, тунлари ибодатда қойим бўлиб, Парвардигорга кўрқув ва умидворлик орасида дуо-илтижолар қиладиган, Аллоҳ ўзларига ато қилган нарсалардан бошқаларга инфоқ-эҳсон қиладиган солиҳ бандалари учун охиратда ақл бовар қилмас мукофотларни тайёрлаб қўйган. Ҳеч бир жон Аллоҳ таолонинг кўзлардан пинҳон қилиб қўйган мукофотлари ва савобининг нималигини билмайди. Қуръони каримда уларнинг инсон кўзини қувнатиб, ўзини шод қилиб юборишигина зикр этилган, буларнинг асл сифати ва моҳиятини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди, ҳатто тасаввур ҳам қила олмайди. Бундай бандалар риё бўлмаслиги учун ибодатларини тунда, одамлар кўзидан яшириб қилишган, нафақа-эҳсонларини ҳам пинҳона қилишгани учун Аллоҳ таоло ҳам уларга берадиган мукофотини махфий қилиб, беркитиб қўйган. Аллоҳга имон келтириб, яхши амалларни қилиб, юқоридаги сифатларни ўзида жамлаган кишиларгина ана шу мукофотларга сазовор бўладилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таборака ва таоло: «Мен солиҳ бандаларим учун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва башарнинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни тайёрлаб қўйдим», деган». Сўнгра Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Агар хоҳласангиз, «... кўз қувончларини ҳеч ким билмайди» оятини ўқинглар», деди» (Бухорий ривояти).

18. Ахир мўмин киши фосиқ кимса каби бўлармиди, улар тенг бўлишмайди.
Мўминга ҳам, фосиққа ҳам ўзига яраша муомала қилинади. Албатта уларга ҳеч қачон бир хил муомала қилинмайди. “Мўмин” Аллоҳга, Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, китобларига, охиратга ва ўлгандан кейин қайта тирилишга чин дилдан ишонган, яъни имон келтирган кишилардир. “Фосиқ” сўзи луғатда «йўлдан адашган, чегарадан чиққан, ахлоқсиз» деган маъноларни билдиради. Истилоҳда илоҳий амрларга итоат қилмайдиган, Ислом дини мажбуриятларини адо этмайдиган, фасод ишларни тарқатувчи гуноҳкор кимсалар «фосиқ» деб аталади. Одатда гуноҳ ишларни қилган мусулмонлар ҳам «фосиқ» дейилади. Уламолар фосиққа «Ҳақдан адашган, Аллоҳ амрларига итоатдан чиққан осий мўмин ёки кофир» деб изоҳ беришган. Қуръони каримда яҳудийлар, насронийлар, мушриклар ва мунофиқлар ҳақида сўз борганида уларнинг кўпчилиги фосиқ экани зикр этилган. Айрим оятларда бу сифат мўминларга нисбатан ҳам ишлатилган. Фосиқлик ҳаром иш, мусулмонлар бундан қайтарилишган. Қуръони карим ҳукмига кўра Аллоҳ таоло фосиқлардан рози бўлмайди, инфоқ-эҳсонларини қабул қилмайди, ўзларини ҳидоятга эриштирмайди. Дунёда жазолагани каби охиратда ҳам дўзах азобига гирифтор қилади.
“Асбабун нузул” китобларида келтирилишича, ушбу оят Алий ибн Абу Толиб ва Волид ибн Уқба ҳақида нозил бўлган. Саид ибн Жубайр Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилади: “Волид ибн Уқба ибн Абу Муийт Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга “Мен сендан кўра тиғи ўткирроқ, тили узунроқ, гуруҳи кўпроқман”, деди. Шунда Али: “Жим бўл, сен фосиқсан”, деди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди. “Мўмин” деб Алини, “фосиқ” деб Волид ибн Уқбани назарда тутди.

19. Аммо имон келтирган, солиҳ амалларни қилганларга қилган амаллари учун манзил ўлароқ жаннатул маъво бор.
Аллоҳтаолонинг солиҳ бандалари учун тайёрлаб қўйган жаннати Қуръони каримда бир неча номлар билан зикр қилинган: Дорусса-лом, Жаннатул-Маъво, Жаннатул-Наъийм, Жаннатул-Хулд, Жаннатул-Фирдавс, Жаннатул-Қарор, Васила ва бошқалар. Ушбу ояти каримада марҳамат қилиняптики, ким имон келтириб, солиҳ амаллар қилиб ўтган бўлса, охиратда бундайларга жаннатул-маъво бор. “Маъво” сўзи уй, маскан маъноларини билдиради. Дунё ҳаётидаги уйлар инсонлар учун вақтинчалик бошпана, ором оладиган маскан вазифасини бажарса, охиратдаги уй абадий роҳат-фароғатда яшаладиган мангу ором масканларидир. Жаннат ва унинг таърифи Қуръони каримнинг бир неча суралари ва ҳадиси шарифларда зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади: «Жаннат тақводор зотларга йирок, бўлмаган (бир маконга) келтирилади (ва уларга дейилади): «Мана шу (неъматлар) сизларга - тавба крлганларга, Аллоҳ таолонинг шариатини сакушганларга, Аллоҳ таолодан, Уни кўрмаса-да, кўрҳққнларга ва Аллоҳ таолога холис тоат қилиб келганларгадир» (Қоф, 31-35).

20. Фосиқ бўлганларнинг жойлари эса дўзахдир. Ҳар сафар ундан чиқмоқчи бўлишса, унга қайтарилишади ва уларга: «Ўзларингиз ёлғонга чиқарган дўзахнинг азобини тотинглар», дейилади.
Фосиқ кимсалар албатта дўзахдан жой олишади. Чунки улар дунёда Аллоҳ таолонинг оятларини инкор қилиб, ўлгандан кейин қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, жаннат ва дўзах кабиларни ёлғонга чиқариб юришган эди. Улар энди дўзах азоби ҳақлигини кўриб, жон аччиғида дўзахдан қочиб чиқмоқчи бўлишганида уларга “Сизлар дунёда дўзахни ёлғон дер эдинглар, мана энди унинг азобини бир тотиб кўринглар”, дейилади.

21. Уларнинг ўнгланишлари учун буюк азобдан олдин яқин азобни уларга тоттирамиз.
Ояти каримадаги “буюк азоб” охиратда бериладиган дўзах азобини, “яқин азоб” эса, шу дунёнинг ўзида бандалар бошига келадиган азоблар - яъни, турли бало-офатлар, мусибатлар, тузалмас касалликларни англатади. Аллоҳ таоло бандаларнинг кўзлари очилиши, қилган гуноҳларига тезроқ тавба-тазарру қилишлари учун дунё ҳаётида ҳам уларни турли азобларга гирифтор қилади. Булар Аллоҳ таолонинг бандаларга меҳрибонлиги, уларни улкан абадий азобдан ўзига хос огоҳлантиришидир. Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, ўша фосиқларга охиратнинг буюк азобидан олдин бу дунёдаги яқин азобни ҳам тоттириб қўямиз. Шоядки, улар бундан сабоқ олиб, куфр ва фисқу фужур ишларидан, ёмонликларидан қайтишса! Дарҳақиқат, охират дунёсидаги жазо - Аллоҳнинг ўз қулларини мажбурлаши эмас, балки покламоғи, тушунтирмоғи, тузатмоғи ва уларга шафқати ҳамдир. Аллоҳ жазолайдиган бўлса, буни ҳам Ўз адолати билан қилади. У имон эгасини жазоламайди, аммо тузалиш ва даъват йўлларининг ҳаммасини рад қилган кофирлар учун жазо белгилайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло дейди: «Уларнинг ўнгланишлари учун буюк азобдан олдин яқин азобни уларга тоттирамиз”, дейди. Аллоҳнинг иши гуноҳкорларни мангу оловга жўнатиш олдидан кичикроқ жазони тоттириб кўриш, уларни ғафлат уйқусидан уйғотиш, уларни бепарволик ва мудроқликдан халос этиш, шоядки улар ақлларини топиб, ҳақ йўлга қайтишса!

22. Парвардигорининг оятлари билан эслатилгандан сўнг улардан юз ўгиргандан кўра золимроқ кимса борми?! Биз гуноҳкорлардан интиқом олувчидирмиз.
Дунё ҳаётида Аллоҳ таолонинг мўъжизалари, далил-аломатларини кўриб туриб ҳам зулм йўлини танлаган ва Парвардигоридан юз ўгирган кимсадан ҳам гуноҳкорроқ одамни топиб бўлмаса керак. Унга барча махлуқотнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг оятлари билан ҳақиқат эслатилганида, Пайғамбар ёки донишманд олимлар томонидан панд-насиҳат қилинганида ундан фойда олмаган, балки юз ўгирган одамдан золимроқ кимса бўлмаса керак. Бундай нодонлар ўзларига Аллоҳ таолонинг лутфи-марҳамати насиб бўлиб турса ҳам Парвардигорлари сари юзланишмайди, Унинг неъматларига шукр келтиришмайди. Уларнинг бошига огоҳлантириш учун тақдир зарбалари тушганида ҳам кўзлари очилмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бундайлардан қаттиқ интиқом олади.

23. Дарҳақиқат, Мусога китобни ато этдик. (Эй Муҳаммад), унинг рўбарў бўлишидан шубҳада бўлманг. Биз уни Бани Исроилга ҳидоят қилиб бердик.
Аллоҳ таоло Ўзининг ваҳийларини инкор қилиб, залолатда қолганларнинг қиёматдаги аҳволи нақадар аянчли бўлиши хабарини берганидан кейин пайғамбарларидан Мусо алайҳиссалом қиссасига ўтиб, у кишига Бани Исроилни тавҳидга чақириш учун Таврот китобини нозил қилганини баён қилмоқда. Оят давомида Аллоҳ Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, “унинг рўбарў бўлишидан шубҳаланиб ўтирманг”, демоқда. Ушбу жумланинг маъноси ҳақида муфассирлар турли фикрларни айтишган: баъзилари бу жумлада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исро ва Меърож кечасида Мусо алайҳиссаломга рўбарў бўлишлари айтилган, деб тафсир қилишса, бошқалари Мусо алайҳиссаломнинг Тавротга рўбарў бўлишларидир, дейишади. Учинчилари эса жумлани «Мусога китоб берганимиздек, сизни ҳам бир илоҳий Китобга рўбарў қиламиз» деган маънода тафсир этадилар. Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа маъноларни ҳам ифода этиш учун Аллоҳ таоло айни шу маънодаги жумлани келтирган бўлиши мумкин. Ояти карим охирида эса Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Таврот Бани Исроил қавмига ҳидоятга бошловчи маёқ сифатида берилгани зикр қилинмоқда.

24. Улар сабр қилишганида улардан амримиз билан ҳидоятга бошлайдиган пешволарни чиқардик. Улар оятларимизга аниқ ишонишар эди.
Ушбу оятда кофир ва мушриклардан озор чекиб, тазйиқ-таъқибларга тушиб турган мусулмонларни ҳам сабр қилишга чақириқ бор. Яъни, мусулмонлар Аллоҳнинг ҳақ ваъдасига ишонишса, бошларига келадиган ҳар қандай бало-мусибатларга сабр қилишса, динларини маҳкам ушлаб, ҳидоят йўлидан чекинишмаса, Аллоҳ таоло уларни дунё аҳлига пешво қилади, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб, нажотга бошлайди. Мусо алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган Бани Исроил қавми ҳам Аллоҳнинг дини йўлидаги машаққат ва қийинчиликларга сабр қилган даврларда уларнинг ичидан Аллоҳ Ўз амри билан бошқаларни ҳидоятга бошлайдиган пешво-раҳбарларни чиқариб қўйди.Ўша пешво бўлган кишилар Аллоҳнинг оятларига қатъий ишонар, диндошларини имон ва ҳидоятга чақиришар эди.Улар қатъиятлари ва сабрлари туфайли қавмга пешво бўлишди. Мўмин-мусулмонлар ҳам улардан ўрнак олиб, Аллоҳнинг оятларига аниқ ишонсинлар, имон - Ислом йўлидаги қийинчилик ва азоб-укубатларга сабр қилсинлар, шунда улар ҳам бутун халқларга пешво, йўлбошчи бўлишади.

25. Ўзаро ихтилоф қилган нарсалари тўғрисида қиёмат куни албатта Парвардигорингизнинг Ўзи ажрим қилади.
Инсоният тарихига назар солсангиз, имонлилар ва куфр келтирганлар, пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари ўртасида ҳамиша ихтилоф ва баҳсу тортишувлар бўлиб келган. Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроил ўртасида Аллоҳнинг рисолатини қабул қилишда қанчалар келишмовчилик ва ҳақ йўлдан оғишлар рўй берган бўлса, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан Макка мушриклари ўртасида ана шундай ихтилоф-зиддиятлар содир бўлган. Ҳамма даврда ҳам ҳақ йўлдан адашганлар ўзларича ихтилоф қилиб, талашиб-тортишиб, ўзиникини тўғри деб юраверади. Қиёмат куни келганда улар орасида Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз йўлида юрганлар фойдасига адолатли ҳукм чиқаради.

26. Ўзларидан олдин ўтган, ўзлари уларнинг масканларида юрган қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилганимиз уларга маълум эмасми? Бунда албатта аломатлар бордир, ахир эшитмайдиларми?!
Қуръони карим қиссаларида бундан олдин ўтган қанчадан-қанча қавмларнинг, халқларнинг Аллоҳга итоатсизлиги, Унинг ваҳийларини инкор қилгани учун Ер юзидан йўқ қилиб юборилгани хабари келган. Кофир ва мушриклар ўзларидан олдин ўтиб, ҳалокатга учраган ана шу қавмларнинг макон-масканларида юриб, уларнинг асоратларини кўриб, қиссаларини эшитиб юришибди. Бундай жоҳилларнинг Аллоҳнинг амрларини инкор қилиб, имонсизлик туфайли ҳалокатга учраганлари кейингиларга ибрат бўлмайдими?! Ўтмишда Аллоҳга куфр келтириб, осийлик қилганларнинг барчаси ҳалокатга учраганининг ўзи одамларга катта ибратдир. Улар яшаб турган юртларда Аллоҳнинг Биру Борлиги, ҳамма нарсага қодирлиги, Ўзига куфр келтирганларни ҳалокатга учратмай қўймаслиги борасида аниқ белги-аломатлар бор. Ахир улар ҳалокатга учраб, ному нишони қирилиб кетган олдинги кофир ва осийларнинг қиссаларини эшитишмайдими, хулоса чиқаришмайдими, Парвардигорларини таниб, Унга имон келтиришмайдими?

27.    Улар қуруқ ерга сувни ҳайдаганимизни, у билан чорвалари ва ўзлари ейдиган экинларни чиқаришимизни билишмайдими, ахир кўрмайдиларми?!
Сувсизликдан қақраб ётган ерга сув келтирилса, бир зумда у тамоман бошқа кўринишга киради. Кечагина чўп ҳам унмаган ерда ўсимлик ва экинлар барқ уриб яшнайди, ғалла ва мевалар етиштирилади, одамлар ва чорва ҳайвонларига ризқ эшиклари очилади. Ана ўша ерга Аллоҳ таоло сув-ёғин юбормаса, унда бирор нарса ўсмайди. Ерда ҳаётнинг давом этиши учун сувнинг энг бебаҳо неъмат эканини қурғоқчиликдан, сув танқислигидан азият чекаётган халқлар айниқса яхши билишади. Улар Аллоҳ таоло ёғин ёғдирувчи булутларни шамол воситасида ҳайдаб келсагина, қақроқ ердан чорвалар ва одамларнинг ўзлари истеъмол қиладиган турли неъматлар униб чиқишини мумкинлигини ҳис этишади. Шундай экан, нима учун улар Аллоҳга имон келтирмай, куфр келтирадилар? Унинг неъматларига шукр айтмайдилар? Наҳот уларнинг кўзлари ожиз бўлса, ўзлари атрофларидаги Аллоҳнинг яратувчилик қудратига далаолат қилувчи бундай мўъжизаларни кўрмаётган бўлсалар?

28.    Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар, бу фатҳ қачон?» дейишади.
“Фатҳ” сўзи луғатда «зафар-ғалаба, очиш, бошлаш» маъноларини билдиради. Кофир ва мушрик кимсалар мусулмонларга: «Агар сизлар «Бир кун келиб бизнинг ғолиблигимиз муқаррар бўлади, сизларнинг ноҳақлигингиз ҳам аён бўлади, орани очадиган фатҳ куни келади» деган гапингизни рост айтаётган бўлсангиз, ўша кун қачон келади?” деб истеҳзо ва масхара аралаш савол беришади. Аммо улар билишмайдики, Аллоҳ таоло Ўз ҳикматига биноан ғалаба келиши муҳлатини маълум муддатга кечикитириши мумкин. Бу муддатни тезлаштиришга ёки секинлаштиришга ҳеч ким қодир эмас.

29.    (Эй Муҳаммад): «Фатҳ куни куфр келтирганларга имонлари фойда бермайди ва уларга муҳлат ҳам берилмайди», денг.
Яъни, эй Пайғамбарим, уларга айтингки, фатҳ кунининг келиши аниқ. Аммо ўшал кунда кофирлар имонга келишса ҳам бунинг уларга асло фойдаси бўлмайди. Гуноҳларига тавба қилишни роса исташса-да, бунинг учун уларга муҳлат ҳам берилмайди. Улар тўғридан-тўғри дўзахга ташланадилар. Шунинг учун улар кўп шошқалоқлик қилишмасин, Аллоҳнинг азобини енгил санаб, келишини тезлаштиришни сўрайверишмасин. Чунки Аллоҳнинг азоби бошларига келганида бирор нарсани ўзгартиришга, гуноҳларга тавба қилишга асло вақт қолмаган бўлади. Шунинг учун Аллоҳнинг азоби келгунига қадар имонга келиш, Парвардигорни таниш, Унинг ҳидоятида юриш инсонлар учун энг тўғри йўл бўлади.

30. Шунда улардан юз ўгиринг ва кутинг. Улар ҳам кутувчилардир.
Аллоҳ таоло севимли Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбарим, фатҳ куни келганида куфр келтирган кимсалардан юз ўгиринг. Сиз ҳам уларнинг оқибатлари нима билан тугашини кутинг, уларнинг ўзлари ҳам кутувчилардир. Кўриб турганингиздек, Сажда сурасида ҳар бир инсон доимо эсда тутиши зарур бўлган ва ҳаётда тез-тез эслаб туриши таъкидланган таълимотлар ўзига хос услубда баён қилинган. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сурани намозларида ва ҳар куни уйқуга ётишларидан олдин ўқир эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бомдод намозида Сажда сураси билан «Ҳал ата алал инсани” сурасини ўқир эдилар» (Бухорий ривояти). Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Сажда ва Таборак сурасини ўқимасдан ухламас эдилар», дейилган (Аҳмад ривояти).

Орқага Олдинга