Мадинада нозил бўлган, 73 оятдан иборат.
“Аҳзоб” сўзи “ҳизблар”нинг кўплик шакли бўлиб, луғатда “гуруҳлар, фирқалар” деган маънони билдиради, Қуръони каримнинг ушбу ўттиз учинчи сураси Мадинада нозил бўлган, 73 оятдан иборат. Сура ёлғиз Аллоҳ таолога суяниш, фақат Ундан кўрқиш, илоҳий ваҳийгагина эргашиш даъвати билан бошланади. Унда исломий турмуш тарзи, боқиб олинган бола ҳукми, Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳли-аёллари, уларнинг вазифалари ва ҳақ-ҳуқуқлари, улар мўминларга она мақомида эканлари ҳақида сўз боради. Сурада турли ҳизб-фирқалар бирлашиб, Ислом даъватига қарши қилган ҳужумлари ҳақидаги оят борлиги учун у «Аҳзоб» деб номланган.
Аҳзоб сурасида Бадр урушидан то Ҳудайбия сулҳигача бўлган даврдаги мусулмон жамоаси ҳаётининг турли жиҳатлари, Ислом жамиятининг жоҳилий эътиқод ва тасаввурлардан покланиш жараёни ҳақида ҳикоя қилинади. Шариатнинг янги ҳукмларини жорий этиш ҳақида сўз боради. Шу билан бирга, ушбу сурада Исломни ва мусулмонларни ер юзидан йўқ қилиб ташлашга бел боғлаган кофир гуруҳларга қарши кураш ҳам тасвирланади. Сурада асосан мусулмонлар жамиятини барпо этиш учун зарур бўлган кўрсатмаларга ва ижтимоий одоб-ахлоқ масалаларига жиддий эътибор берилган. Масалан, тўй-маросимларда лозим бўладиган одоб-ахлоқ, аёлларнинг ҳаёсизларча очиқ-сочиқ ҳолда юриш мумкин эмаслиги ва ўзларини қандай тутишлари лозимлиги масаласи баҳс этилган. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қай тарзда муомала қилиш лозимлиги ҳам кўрсатилган. Сурада жоҳилият қонунлари ва урф-одатларидан бўлмиш зиҳор, фарзанд асраб олиш, мерос, асраб олган боласинингхотинигауйланиш каби масалаларга Ислом нуқтаи назаридан қандай ёндашиш кераклиги ҳам баён этилади.
Сурада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом умматига ҳаммадан афзал валий эканликлари, у зотнинг завжаи мутоҳҳаралари мўминлар учун маънавий она саналишлари ҳақидаги оятлар ҳам бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари, қизлари ва мўмина аёллар ўзларини қандай тутишлари лозимлиги ҳам баён этилади. Шунингдек, бу сурада талоқ ва мерос ҳақидаги нотўғри тушунчалар ҳам тузатилади. Ниҳоят, сураи карима Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан инсонга осмонлару ер ва тоғлар ҳам кутара олмаган улкан омонат юклатилганлиги ҳақидаги оятлар билан тамомланади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Эй Пайғамбар, Аллоҳдан қўрқинг, кофир ва мунофиқларга итоат этманг! Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва суюкли пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг шаънларини кўтариш, пайғамбарлик мартабаларини янада улуғлаш учун у зотга “Эй Набий” (эй Пайғамбар) деб хитоб қилмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган хитоб айни чоғда барча мўмин-мусулмонларга ҳам қаратилгандир. Бу ерда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ислом жамиятининг раҳбари, мусулмон давлатининг бошлиғи сифатида Аллоҳга тақво қилиш, яъни Ундан қўрқиш амр қилинмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оят нозил бўлишидан олдин ҳам Аллоҳга тақво қилар эдилар. Бундан келиб чиқадики, бир ишни бажариб турган одамга яна ўша ишни қилиш ҳақида амр бўлса, “ўша ишингни давом эттир” деган маъно келиб чиқади. Банданинг ҳар ишда, ҳар қадамда Аллоҳга юкуниши, ўз ҳожатларини Унинг Ўзига ҳавола қилиши, Аллоҳдангина қўрқиши, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиши унинг тақводорлигига, имон, илм ва салоҳиятда пешқадам эканига далолат қилади. Ўзига ўхшаган бандадан ёки табиатда содир бўладиган ҳодисалардан қўрқиш инсон ҳаётини издан чиқаради, эътиқоди ва имонидан айиради. Аллоҳдан эмас, махлуқдан қўрқиш инсоннинг шахсиятини бузади, хорлик ва шармандаликка солади. Аллоҳдан қўрқувчилар тақводорлардир. Тақводорлар Аллоҳдан қўрққанлари учун Унинг амрига итоатда туришади. Ўзларини барча ёмонликлардан тийишади. Охират йўлида ҳамиша ибодатда бўлишади. Жанннат неъматлари орзусида барча қийинчилик, азоб-уқубатларга сабр этишади. Тақводорликнинг белгиси қўрқув ва умид орасида туришдир. Яъни Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг азобидан, дўзахидан, иқобга олишидан, ҳисоб-китобидан қўрқиш ва айни пайтда Унинг раҳмат-мағфиратидан, меҳрибонлигидан, жаннатга киритишидан умидворлик туйғуси билан яшашдир! Чунки Парвардигоримиз тақволи бандалар учун қиёматда улуғ мукофотларни, жаннат боғларини ва бундан ҳам олий мартабаларни тайёрлаб қўйгани хабарини берган.
Аллоҳ таоло мўминларни кофир ва мунофиқ кимсалардан эмас, фақатЎзидангина қўрқишга чақиради: «Фақат уларнинг ичида зулм крлувчилар ҳам борки, сизлар улардан қўркучангиз, Мендан кўркрнгиз!» (Бақара, 150). Зулм қилувчилар эса, кофир ва мунофиқ кимсалардир. Кофир Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига, китобларига, фаришталарига, охиратга ва ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмайдиган, буларни инкор қиладиган, яъни куфр келтирган кимсалардир. Мунофиқ эса ичи бошқа, усти бошқа одамдир. У сиртидан мусулмон бўлиб кўринади, ичи эса кофирлигича қолади. Мусулмонларни кўрса, “мусулмонман” деб, Ислом амалларини бажаради. Ўзи қолса ёки кофирларга қўшилса, Ислом амалларини тарк этиб, куфр ишларини қилади. Уни ҳам гап-сўзи, юриш-туриши ва иккиюзламачилигидан билиб олса бўлади. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини ана шундай куфр ва нифоқ эгаларига итоат этмасликка буюрмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у кишининг умматлари ҳам ҳеч қачон кофир ва мунофиқларнинг гап-сўзларига итоат қилмасликлари лозимлиги ушбу оятда илоҳий буйруқ ўлароқ келмоқда. Мўмин-мусулмонлар итоат этадиган ягона Зот Аллоҳдир. Улар ҳаётларининг барча соҳаларида Аллоҳ таолога итоат эта-дилар. Аслида, «Аллоҳга тақво қил» деган амрнинг ўзи етарли эди, чунки “Аллоҳга тақво қилиш”нинг ичида кофир ва мунофиқларга итоат этмаслик маъноси ҳам бор эди. Аммо бу иш, яъни кофир ва мунофиқларга итоат этмаслик ўта муҳим ва эсга солиб қўйиш зарур бўлгани учун алоҳида таъкидлаб, амр қилинмоқда.
Аллоҳ таоло Ўзининг ўта олимлиги, ҳар бир ишнинг ҳикматини олдиндан билиб туриши туфайли ким тақво қиляпти, ким қилмаяпти, ҳаммасидан яхши хабардор. Шунингдек, У Зот ким кофир ва мунофиқларга итоат қиляпти, ким итоат қилмаяпти, буни ҳам яхши билади ҳамда Ўзининг ўта ҳикматлилиги билан бунга яраша чора-тадбир кўради. Ушбу оят Абу Суфён, Икрима ибн Абу Жаҳл ва Абул Аъвар Ас-саламийлар ҳақида нозил бўлган. Улар Уҳуд жангидан кейин Мадинага келишди. Абдуллоҳ ибн Убайнинг уйига тушишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзаро гаплашиб олишлари учун уларга омонлик бердилар. Шунда улар билан бирга Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ ва Таъма ибн Убайриқ ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди. У кишининг ҳузурларида Умар ибн Хаттоб бор эди. Улар: “Бизнинг Лот, Уззо ва Манот каби илоҳларимизни гапиришдан тўхта. Ким уларга ибодат қилса, фойда етказишини ва шафоат қилишини айт. Биз ҳам сени ва Парвардигорингни тинч қўямиз”, дейишди. Уларнинг сўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир ботди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, уларни ўлдиришга бизга изн беринг”, деди. У зот: “Мен уларга омонлик берганман”, дедилар. Шунда Умар: “Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби билан чиқиб кетинглар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Мадинадан чиқариб юришга буюрдилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди.
2. Парвардигорингиздан сизга ваҳий қилинаётганларга эргашинг. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.
Яъни, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, сиз эргашадиган бир сўз бор. У одамлар гапирадиган сўз ҳам эмас, бу сўз номаълум, шубҳали ёки ёлғон маълумотлар ҳам эмас. У эргашишга дунёдаги энг муносиб, ҳамма ишда бўйсунишга энг лойиқ ҳақиқий Сўздир. Бу сўз бутун оламларнинг, шу жумладан, сизнинг ва умматингизнинг ҳам Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолодан ваҳий қилинаётган амрлардир, илоҳий таълимотлардир, ҳаётнинг барча жабҳаларида жорий қилинадиган муҳим дастурдир, икки дунё саодатига элтувчи йўлчи юлдуздир. Сиз фақат ана шу илоҳий ваҳийларга эргашинг, бошқасини тарк этинг. Агар одамлар бошқа сўзларга, турли сохта динларга, кофир ва мунажжимларнинг амрларига, бўлмағур урф-одатларга ва бошқа нарсаларга эргашсалар, улар фақат ўзларига зарар қиладилар. Чунки Парвардигорингиз бандаларининг ҳар бир қилаётган иш-амалларидан, мия ва кўнгилларида кечаётган ўй-хаёллардан хабардор Зотдир. У ҳар бир бандасининг қилган амалларига ва ниятига қараб мукофот ва жазосини беради.
3. Аллоҳгагина таваккул қилинг, вакилликка Аллоҳ кифоядир.
Аллоҳ азза ва жалла яна Ўз Пайғамбарига барча ишларда фақат Ўзига суянишни, Ўзигагина таваккал қилишни, Ўзидангина мадад-ёрдам сўрашни буюрмоқда. Аллоҳга таваккул қилиб, Унинг айтганини қилинг, бошқалар билан ишингиз бўлмасин, чунки вакилликка Парвардигорингизнинг Ўзи кифоядир. Ҳожатларингизни Ундан ўзгадан сўраманг, Ундан ўзгаларга юкунманг, шундагина кофир ва мунофиқ кимсаларга итоат этишга, уларнинг ёрдамига кўз тутишга, улардан қўрқишга, уларга эргашишга ҳожат қолмайди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Умматимдан етмиш минг киши жаннатга ҳисоб-китобсиз киради. Улар дам солдирмайдиган, шумланмайдиган ва Парвардигорларига таваккул қиладиганлардир» (Бухорий ривояти). Бу ерда «дам солдирмайдиган» дейилганда жоҳилиятдагидек турли тушунарсиз, маъносиз ва асоссиз сўзлар билан дам солдириш, афсун қилиш назарда тутилган, чунки Қуръони Карим оятлари билан, ҳадисларда тавсия қилинган айрим калималарни ўқиб руқия қилиш, яъни дам солиш суннатда бор, шариатда мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам ўзларига дам солиб юрганлари маълум ва машҳурдир.
4. Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита юрак қилган эмас. Зиҳор қилаётган хотинларингизни сизлар учун она ҳам қилган эмас ва асранди болаларингизни сизларга фарзанд ҳам қилган эмас. Булар оғизларингиздаги гапларингиздир. Аллоҳ эса ҳақни айтади ва У тўғри йўлга бошлайди.
Ислом келмасидан олдинги жоҳилият даврида араблар орасида турли жоҳилий одатлар ҳукмда эди. Булардан бири етук ақлли ва зийрак кишиларнинг қалби иккита бўлади, деган тасаввур эди. Яна бошқаси ким хотинидан зиҳор қилса, хотини онаси бўлиб қолади, деган ақида ҳам кучли эди. Жоҳилий одатлардан яна бири ким бирор болани асраб олса, ўз сулбидан бўлган боланинг ўрнига ўтади, деган ҳукм ҳам бўлган. Бу уч ҳукмга кофир ва мунофиқлар тўла ишонишар ва қатъий амал қилишар эди. Шу билан бирга, улар мўмин-мусулмонларнинг ҳам бу ҳукмларга итоат этишларини талаб қилишарди. Ким буларга амал қилмаса, маломатга қоларди. Мана шу ояти карима ана шу ботил хукмларни рад этиб, мусулмонларнинг олдига Аллоҳга тақво қилиш, У юбораётган ваҳийга эргашиш, фақат Яратганнинг Ўзига суяниш ва кофиру мунофиқларга эргашмаслик вазифасини қўйди.
Араб мушриклари, баъзи одамларнинг иккита қалби бўлади, деб эътиқод қилишарди. Ривоят қилишларича, бу оят Жамил ибн Маъмур Феҳрий ҳақида нозил бўлган. У жуда ақлли, бир эшитган нарсасини ёдлаб оладиган одам эди. Қурайшликлар: “Бу нарсаларни фақат иккита қалби бор кишигина ёдлай олди”, дейишарди. У: “Ҳа, менда иккита қалб бор. Мен уларнинг ҳар бири билан Муҳаммаднинг ақлидан кўра афзалроқ ақл юрита оламан”, дер эди. Бадр куни мушриклар мағлуб бўлишди. Улар орасида Жамил ибн Маъмур ҳам бор эди. Абу Суфён унга дуч келди. У кавушининг бир пойи қўлида, бошқаси оёғида эди. Абу Суфён унга: “Эй Ибн Маъмур, одамларнинг ҳоли қандай?” деди. У: “Енгилишди”, деди. Абу Суфён: “Сенга нима бўлди, ковушингнинг биттаси қўлингда, биттаси оёғингда?” деди. У: “Мен уларнинг иккаласини ҳам оёғимда деб ўйлабман”, деди.Ўша пайтда билишдики, агар унинг икки қалби бўлганида эди, ковушини қўлида унутиб қолдирмасди. Ушбу ояти карима ўша Жамилнинг ёлғончи эканини, мушрикларнинг бу маънодаги тушунчалари ботиллигини баён қилмоқда. Шу билан бир вақтда, ҳеч бир одам ҳеч қачон иккита қалбли бўлмаслигини, уларнинг бири билан имон, иккинчиси билан куфр келтира олмаслигини, бир одамнинг бир пайтда ҳам ростгўй, ҳам ёлғончи, ҳам диндор, ҳам динсиз бўла олмаслигини, динга ҳам ихлос, ҳам адоват кўрсата олмаслигини уқтирмоқда. Аллоҳ таоло ҳар бир одамга биттадан қалб берган, ўша қалбга фақат бир нарса сиғади. Чунки Аллоҳ таоло инсоннинг ичида фақат битта қалб яратган. Ўзининг шахсий ишларига алоҳида қалб, жамиятдаги ишларига яна бошқа бир қалб берган эмас. Диний ишлар учун алоҳида бир қалб, дунёвий ишларга яна бошқа бир қалб яратган эмас.
Жоҳилиятдаги иккинчи ботил ақида зиҳор масласидир. “Зиҳор” сўзи луғатда «сирт, орқани ўхшатиш» маъноларини билдиради. Эр ўз хотини баданининг орқаси ва қорнини онасининг ана шу аъзосига ўхшатиб, ўзига ҳаром қилиб олиши «зиҳор» дейилади. Зиҳор Қуръон (Мужодала сураси 1-4) ва Суннатда келган. Зиҳор қилган эр хотини билан қовушиш учун эвазига каффорот (бир қул озод қилиш ёки икки ой кетма-кет рўза тутиш ёки олтмиш мискинни тўйдириш) бериши лозим. Чунки унга хотини билан қўшилиш ҳаром бўлади. Каффорот бермай хотинига яқинлик қилса ёки шаҳват билан ўпса, гуноҳкор бўлади. Зиҳор ҳақидаги батафсил тушунча ва унга тегишли ҳукмлар Мужодала сураси ва унинг тафсирида келтирилади, иншааллоҳ. Бу оятда эса зиҳор нотўғри экани эълон қилинмоқда. Худди бир одамнинг ичида иккита қалб борлиги беҳуда ва мантиқсиз бўлганидек, эркак киши «мен сени зиҳор қилдим» дейиши билан хотини унга она ўрнига ўтиб қолиши ҳам соғлом ақлга тўғри келмаслиги баён этилмоқда.
Жоҳилият даври арабларида яна бола асраш, хусусан, ўғил болаларни асраб,ўзигаўғил қилиб олиш одати бор эди. Бу ҳолат, айниқса, урушда асир тушганларни ўғил қилиб олиш борасида кўпроқ содир бўларди. Жоҳилият арабларидан ҳар бири бошқа бир одамнинг ўғлини ўзиники қилиб олиши мумкин эди. Бу ҳолат жуда кенг тарқалган бўлиб, бир киши бировнинг боласига: «Сен менинг ўғлимсан, мен сенга меросхўрман, сен менга меросхўрсан» деса ва бола буни қабул қилса, иш битди ҳисобланарди. Бола унга ўз сулбидан бўлган ўғлидек бўлар, мерос, никоҳ, талоқ ва бошқа ҳукмларда ўз ўғлига нима муомала қилинса, асранди болага ҳам шу муомала қилинар эди. Аллоҳ таолонинг иродаси ва ҳикматига биноан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбар бўлишларидан олдин Зайд исмли болани араблар одати бўйича асраб олган эдилар. Бу воқеанинг ўзига яраша тарихи ҳам бор. Тафсир ва тарих китобларида бу ўғил асраб олиш қиссаси батафсил ёзиб қолдиилган:
«Зайд онаси билан Той қабиласидаги тоғалариникига зиёратга борганида улар устига араб қабилаларидан бири бостириб келиб қолади. Ўшанда Зайд ҳам асирга тушганлар билан бирга Маккага келтирилади. Уни Хадича бинти Хувайлид сотиб олади. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларидан сўнг Зайднинг заковати ва етуклиги ёқиб қолганини мулоҳаза қилиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга уни ҳадя қиладилар. Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилиб юради. Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шурҳабийл ўғли асирга тушганидан сўнг унинг фироқида кечаю кундуз йиглар, унинг ҳақида шеърлар айтар эди.
Бир куни Ҳорисага ўгли Зайд Маккада, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эканининг хабари етади. Ҳориса укаси билан тезда Маккага келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни излаб топади ва у зотга шундай дейди: “Эй Муҳаммад, сизлар Байтуллоҳнинг аҳлисизлар, асирга тушганларни озод қиласизлар, асирга таом берасизлар. Менинг ўғлим ҳузурингизда экан, уни бизга беринг, унинг тўлови борасида бизга яхшилик қилинг. Сиз албатта ўз қавмининг улуғи бўлган одамнинг зурриётисиз. Унинг тўловига нимани истасангиз, берамиз”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларга бундан ҳам яхшироқ нарсани бераман”, дедилар. Улар: Ўша нарса нима?” деб сўрашди. У зот соллаллоху алайҳи васаллам: “Ҳузурингизда уни ўз ихтиёрига қўяман. Агар у сизларни ихтиёр қилса, уни тўлов бермай, олиб кетаверасизлар. Агар у мени танлайдиган бўлса, мени ихтиёр қилган одам учун тўлов оладиган киши эмасман”, дедилар. Улар: “Жуда яхши қиласан! Аллоҳ сенга яхши мукофотлар берсин!” дейишди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдни чақириб: “Эй Зайд, манавиларни танийсанми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа, буниси отам, анависи амаким”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Зайд, Бу - отанг, бу эса - амакинг. Мен ўзинг билган одамман. Биздан кимни хоҳласанг, танла”, дедилар. Шунда Зайднинг кўзларидан ёш оқа бошлади ва: “Мен сиздан бошқа ҳеч кимни ҳеч қачон ихтиёр қилмайман. Сиз мен учун ҳам ота, ҳам амаки ўрнидасиз”, деди. Отаси билан амаки-си: “Ҳой Зайд, хурликни қўйиб, қулликни танлайсанми?!” дейишди. Зайд уларга: “Ҳа, мен бу одамдан шунчалар яхшилик кўрдимки, энди ундан ажрай олмайман. Мен ҳеч қачон ундан бошқа одамни ихтиёр қила олмайман”, деди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг олдига чиқиб: “Гувоҳ бўлинглар! Зайд менинг ўғлимдир. Мен унга меросхўрман, у ҳам менга меросхўрдир”, дедилар. Зайднинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида қанчалик икром-эъзозга эга эканини кўрган отаси ва амакиси кўнгиллари таскин топиб, ортга қайтишди. Қуръон оятлари тушиб, асранди ўғил бекор қилингунча, у Зайд ибн Муҳаммад деб чақирилиб юрди».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳорисани Аллоҳ таоло ирода қилган бир ҳикмат билан асранди ўғил қилиб олган бўлсалар, Аллоҳ таоло кейинчалик жоҳилият аҳлининг бошқа бировнинг боласини ўзига фарзанд қилиб олишдек номаъқул одатининг ботил эканини эълон қилди. Сўнгра буларнинг одамлар оғзидан чиқадиган оддий гап эканини, бундай ноҳақ гаплар эътиборга арзимаслигини, Аллоҳ таоло эса фақат ҳақни айтиб, бандаларини тўғри йўлга-ҳидоятга йўллашини ҳам баён қилиб берди. Аллоҳ бу уч масалада ҳақиқатни баён қилди. Бир кишининг икки қалби бўлмайди. Зиҳор қилинган хотин эрига она бўлмайди. Тутинган ўғил фарзанд ўрнига ўтмайди. Аллоҳгина тўғри йўлга ҳидоят қилади, шунинг учун доимо У кўрсатган йўлдан юриш керак. Шу оятдаги: “(Аллоҳ) асранди болаларингизни сизларга фарзанд ҳам қилган эмас” жумласи эса, Зайд ибн Ҳориса ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида эди. Ваҳий келишидан илгари у зот уни озод қилиб, ўзларига ўғил қилиб олгандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳшга уйлангач, (Зайнаб Зайднинг хотини бўлган), яҳудий ва мунофиқлар: “Муҳаммад ўғлининг хотинига уйланди. Одамларни эса бундан қайтарарди”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
5. Уларни оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасанглар, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмай қилган хатоларингиз учун сизларга гуноҳ йўқ, лекин дилларингиз қасд қилганида бор. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Аллоҳ таоло бу ояти каримада асранди бола ҳақидаги шариат ҳукмларини баён қилиб беряпти. Ушбу оятлар нозил бўлгунига қадар Арабистон жазирасида одамлар бировнинг боласини ўғил қилиб боқиб юришган. Ўшанда улар жамиятдаги мавжуд тушунча, урф-одатлар билан иш тутишган. Энди эса юқоридаги оят нозил бўлиб, бу одатни ботил қилди, яъни хукмдан қолдирди. Ўз-ўзидан, одамларда «Нима қилиш керак, аввал асраб олинган фарзанд хусусида нима қиламиз?», «Олдинги ишларимиз учун ҳам жавоб берамизми?» каби саволлар пайдо бўлади. Ушбу ояти карима ана шу саволларга жавоб бермоқда. Яъни «Асраб олинган фарзандларни асраб олган одамнинг номи билан эмас, ўзининг ҳақиқий отаси номи билан чақиринглар». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қуйидагилар ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг мавлолари - озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳорисани фақат Зайд ибн Муҳаммад деб чақирар эдик. Қуръони каримнинг «Уларни оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир» ояти нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга: «Сен Зайд ибн Ҳориса ибн Шурҳабийлсан», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Яъни, асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким экани номаълум бўлса, улар сизга Ислом дини бўйича қардош бўлишади, шунинг учун «Дин қардошим» деб мурожаат қилинглар. Ёки улар мавлоингиз, яъни дўстларингиз бўладилар, «Эй дўстим» деб мурожаат қилинглар. Аммо зинҳор «ўғлим», «фарзандим» деб мурожаат қилманглар.
Ушбу оятлар нозил бўлгунга қадар бировнинг боласини “фарзандим” деб, унга ўз сулбидан бўлган фарзандига қилган муомалани қилиб юрганлар бу ҳақдаги илоҳий ҳукмни билишмаган эди. Шунинг учун улар билмасдан қилган хато нарсалари учун гуноҳкор бўлишмайди. Аллоҳ мағфиратли, яъни гуноҳларни кечирувчи ва мўмин бандаларига раҳмли Зотдир. Билмай қилинган хато учун Аллоҳ сизни гуноҳкор қилмайди. Аммо қасддан қилган гуноҳингиздан ҳам қайтишга тавба йўли йўли бор. Бу оятлар нозил бўлгунгача қилган ишларингизни ўйлаб, хижолат бўлманг, энди ҳукмни билдингиз, унга амал қилишга ўтинг. Аммо бу ишни билиб туриб қилган бўлсангиз, унда гуноҳга қоласиз. Бировнинг боласини «ўз болам» деб даъво қилиш гуноҳлигини билиб ҳам шу ишни қилсангиз, албатта гуноҳ бўлади.
Мазкур ояти кариманинг ҳукмига биноан, биров бегона болани ўз номига ўтказиб олиши, уни «ўз болам» дейиши ҳаромдир. Шунингдек, боланинг бировни «отам» деб танлаши ҳам катта гуноҳдир. Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Уларни оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир” ояти нозил бўлгунича Зайд ибн Ҳориса эмас балки Зайд ибн Муҳаммад деб чақирар эдик” (Бухорий ривояти). Имом Бухорий ва Муслимларнинг ривоят қилишларича, Набий соллаллоху алайҳи васаллам: «Ким ўзи билиб туриб, отасидан бошқанинг боласиман, деб даъво қилса, унга жаннат ҳаромдир», деганлар. Ибн Ҳишомнинг ёзишича, “Воқид адашиб қолганида уни Хаттоб ибн Нуфайлга сотиб юборишди. У эса Воқидни тутинган ўғил қилиб олди. Аллоҳ “Уларни оталарининг номи билан чақиринглар” оятини нозил қилганида Абу Амр Маданийнинг таъкидлашича, Воқид: “Мен Воқид ибн Абдуллоҳман”, деб эълон қилди” (Ибн Ҳишом. “Сийратун-набавийя”, 1-жилд, 192-бет).
Исломда ҳимоя қилиниши зарур бўлган олти масаладан бири инсон наслини муҳофаза қилишдир. Шунинг учун ҳам никоҳ, та-лоқ, идда ва шунга ўхшаш кўпгина ҳукмлар жорий қилинган. Ҳамма нарса инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин бўлишига қаратилган. Агар шундай қилинмаса, ҳаром-ҳалол аралашиб, ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз онасини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб кетади. Инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бегона болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-хариш ишлар юзага чиқади. Маҳрамлик-номаҳрамлик қоидалари бузилади. Бир куни келиб, ота ўз қизига ёки ака синглисига уйланиб қолиши мумкин. Мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ҳам тузатиб бўлмас хатолар вужудга келиши муқаррар. Шунинг учун Исломда бу иш ҳаром қилинган. Аммо бу “етим болани, қийинчилиқца қолган оиланинг боласини боқиб олиш, тарбия қилиш мумкин эмас” деган маънони билдирмайди. Аксинча, бундай йўл тутилса, буни қилган одам катта савобга эришади. Лекин бегона болани ўз номига ўтказиб олиш тўгри эмас, балки у аслида кимнинг фарзанди бўлса, ўшанинг номида қолди-риш керак. Ҳамда болани шариат ҳукмига мувофиқ боқиш, тарбиялаш лозим. Қуръони карим инсонларни болаларни ёшлигидан чиройли тарбиялаб, етук шахслар ва мусулмонлар жамиятини барпо қилишни буюрган. Бу жамиятни шакллантириб, илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни ўргатиб келган. Юқоридаги оятларда инсонларнинг насабга, никоҳга тегишли ўзаро алоқаларининг илоҳий ҳукмга тўғри келадиган-келмайдиган жиҳатлари баён қилиб ўтилган бўлса, бундан кейинги оятларда мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишининг покиза завжаларига ва бир-бирларига нисбатан муносабатлари қандай бўлиши кераклиги баён этилади:
6. Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир, унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир. Аллоҳнинг Ки-тобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан кўра ҳақлироқдирлар. Фақат дўстларингизга яхшилик қилишингиз мустасно. Бу Китобда битиб қўйилган.
Зайнаб бинти Жаҳшнинг Зайд ибн Ҳориса билан ажрашиб, Пайғамбар алайҳиссалом билан никоҳланиши Ислом душманлари томонидан турли гап-сўзларга сабаб бўлди. “Муҳаммад асранди ўғлининг хотинига уйланди” деган маломатларга қарши ўлароқ Аллоҳ ушбу оятини нозил қилди. Ояти кариманинг бошланишида Пайғамбар мўминларга нисбатан қандай мақомда бўлади, деган савол туғилиши назарда тутилиб, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг кўнглини кўтариш ва туғилиши мумкин бўлган мазкур саволларга жавоб тариқасида “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир” деб жавоб берилмоқда. Яъни Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўминлар орасида тутган ўрни шунчалик улуғки, у асраб олган отадан ҳам, сулбий отадан ҳам, ҳатто ҳар бир мўминнинг ўз нафсидан ҳам юқори даражададир. Унинг бу даражаси доимий ва боқийдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир нарсада мўминлар учун ҳаммадан, ҳатто ўзларидан ҳам устун мақомдадир. Бу - дунёда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа бирорта ҳам инсонга берилмаган олий мақомдир. Бу мақомнинг нақадар улуғлигини қуйидаги ҳадиси шарифлардан ҳам билиб олсак бўлади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, сизлардан бирортангиз мен то унга ўзидан, мол-дунёсидан, бола-чақасидан ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча у мўмин бўла олмайди» (Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда шундай келади: «Умар розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра севимлироқсиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, Умар, то мени ўзингдан ҳам яхшироқ севмагунингча, бўлмайди”, дедилар. Умар розияллоху анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, сиз мен учун ҳамма нарсадан, ҳатто ўзимдан ҳам севимлисиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана энди бўлди, эй Умар”, дедилар».
Биз, мусулмонлар Оламлар сарвари, Коинот фахри, пайғамбарларнинг охиргиси, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган набий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни барча яқинларимиздан ҳам, ота-онамизу фарзандларимиздан ҳам, ҳатто ўзимиздан ҳам яхши кўришга буюрилганмиз. Аллоҳнинг Расулини яхши кўриш имонимизнинг белгисидир, у зотни яхши кўришимиз Аллоҳ таолони севишимиздир. Биз Расули акрамни ҳаммадан кўра, ҳатто бизларни туғиб-тарбиялаган ота-оналаримиздан ҳам, жигаргўшаю яқинларимиздан ҳам, аҳли-аёлимизу содиқ дўстларимиздан ҳам яхши кўрамиз. Чунки буни Аллоҳ таолонингЎзи буюрган: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир”.
Бизлар нечун охирзамон Пайғамбарини севмайликки, у киши таваллуд топган пайтда Аллоҳ таоло инсониятни ширк ва куфр замони тугаганидан муждалаб, Румнинг “Сур чалингунча боқий туради” дея шарафланган мустаҳкам қасрларини ер билан яксон қилди, оташпарастларнинг неча йиллардан бери ёниб турган “мангу” оловларини бир лаҳзада ўчириб қўйди, Форснинг машҳур саройларини қулатди, ҳисобсиз бут ва санамларни парчалади. Нечун у зотни севмайликки, Муҳаммад алайҳиссалом инсониятни залолат зулматидан ҳидоят нурларига олиб чиқдилар. Нечун у зотни севмайликки, Аллоҳ таолонинг Ўзи у кишини “Ҳабибим” деб шарафлаган бўлса, оламларга раҳмат қилиб юборган бўлса! Ҳатто Жаброил алайҳиссаломдай улуғ фаришта Сидратул-мунтаҳога етганда: “Мен сўнгги чегарадаман, сиз давом этаверинг!” деган бўлса! Бу севгини бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содиқ саҳобалари, у зотнинг издошлари ўргатиб кетишган. Саҳобалар Набий алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзларини ҳеч бир тараддудсиз ишонч билан қабул қилишди. Улар Ислом шавкати йўлидаги ғазотларда у зотни ва у киши олиб келган динни шерларча ҳимоя қилишди. Ўлар учун бунга мол-дунёларини, жонлари ва қонларини, энг яқинларини тикиш ҳеч нарса эмасди. Улар ҳатто Расулуллоҳдан тушган бир дона мўйни, таҳорат қилган сувлари томчиларини, туфлаган тупукларини талашиб, бир-бирлари билан уришиб кетай дейишарди. Уларнинг авлодлари эса мана ўн беш асрдирки, Расулуллоҳ алайҳиссалом йўлларини маҳкам тутиб, Суннатларига содиқ бўлиб келишяпти.
Расули акрамга эргашиш Аллоҳ таолога итоат этишдир. Бизнинг йўлимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш йўлидир. Имон тақозоси - Аллоҳ таолога ва Унинг элчисига итоатдир. Пайғамбаримиз исмларини тилга олганимиз ҳамоно салавот айтиб улуғлашимиз керак. Чунки Пайғамбар алай-ҳиссаломга Аллоҳ таолонинг Ўзи олдин салавот ўқиди, сўнгра фаришталарига буюрди, ундан кейин мўминларга у кишига салавот йўллашни амр этди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ибодатдир.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Аллоҳ мени илм ва ҳидоятдан иборат нарса билан юборганининг мисоли бир ерга ёққан ёмғирнинг мисоли кабидир. Аллоҳ сув билан одамларга манфаат беради. Улар ундан ичишади, суғоришади ва экин экишади. Баъзи жойдаги унумдор тоза ер сувни яхши қабул қилади ва ўт-ўланларни яхши ўстириб, экин кўп битади. Баъзи жойдаги ер қаттиқ чиқиб, сувни тутиб қолади, экин унча бўлмайди. Ернинг баъзи жойлари силлиқ бўлганидан сувни ҳам тутмайди ва экинни ҳам ўстирмайди. Мана шу ҳолат худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган киши мисолига ўхшайди. Аллоҳ мен орқали юборган нарса унга манфаат беради. Ўзи ҳам ўрганади, бошқаларга ҳам ўргатади. Бошқа баъзилари ўша нарсага эътибор бермаган кишига ўхшайди. Яна бири эса, мен орқали юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган одамга ўхшайди» (Бухорий ва Муслим ривояти). Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади», деганлар (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларга уларнинг ўзларидан ҳам ҳақлироқ эканликлари фақат у зоти бобаракотнинг шахслари билан чегараланмайди, балки у киши келтирган таълимотлар ҳам мўминлар учун ҳамма нарсадан устун туриши лозим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Сизлардан бирортангиз то унинг нафси мен келтирган нарсага эргашмагунича мўмин бўла олмайди», деганлар. Демак, қандайдир номуносиб кимсаларни ўзига йўлбошчи, раҳнамо қилганлар ҳам, севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган Қуръон ва Суннатни қўйиб, бошқа таълимот, назария ва оқимларга эргашиб юрганлар ҳам адашувдалар. Мусулмон киши эргашадиган бирдан-бир таълимот, ҳаётнинг қайси соҳасида бўлишидан қатъи назар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Қуръон ва Суннат йўлидир. Улуғ саҳобийлардан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганлари айтилади: «Ҳеч бир мўмин йўқки, мен унинг учун бу дунё ва охиратда одамларнинг энг ҳақдори бўлмасам. Агар истасангиз, “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир” оятини ўқинглар. Бас, қайси бир мўмин ўзидан кейин мол-мулк мерос қолдирса, уни қариндошлари олсин. Агар қарз ёки зое бўлган болалар қолдирса, эгаси менга келсин, мен унинг мавлосиман» (Бухорий ривояти). Яъни, «Вафот этган ўша мўминнинг қарзини мен тўлайман, етим қолган болаларига қарайман».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларга нисбатан мақомларини баён қилишдан сўнг у зотнинг покиза хотинлари (завжаи мутоҳҳаралари) ҳам мўминларга қандай мақомда туришлари айтилиб, «Унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир», дейилмоқда. Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари мўминларнинг оналаридир, мўминларга руҳий-маънавий она мақомидадирлар. Улар ўз оналарини қандай ҳурмат-эҳтиром қилишса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза аёлларини ҳам ана шундай эҳтиром қиладилар. Насабий оналарининг никоҳи уларга ҳаром бўлганидек, бу оналарнинг никоҳи ҳам ҳаром бўлади. Бошқа ишлар ва ҳукмлар ҳам шунга ўхшаш саналади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотнинг аёлларининг мўминларга нисбатан мақомлари баён қилинганидан сўнг, кейинги жумлада мўмин-мусулмонларнинг бир-бирларига нисбатан муомалалари баён этилади: “Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан кўра ҳақлироқдирлар”. Ушбу жумлада баён қилинаётган «ҳақ» мерос масаласига боғлиқдир. Ушбу оят нозил бўлгунича мусулмонлар орасида мерос олиш дўстлик, тутинган оға-инилик асосида бўлар эди. Бу жоҳилият одати эмас, ҳижратдан кейинги дастлабки пайтда Ислом жорий қилган қоидалардан эди. Мўмин-мусулмонлар динларини сақлаб қолиш мақсадида мол-дунёлари, ватанлари, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келишди. Шунингдек, Мадинаи мунавваранинг туб аҳолиси бўлмиш мусулмон ансорийлар ҳам Ислом туфайли кофир қариндош-уруғларидан ажралдилар. Шу тариқа инсоний муносабатларда маълум бир ўзгаришлар рўй берди. Деярли ҳамма мусулмонлар инсоний алоқалар бобида йўқотган яқинлари ўрнига янгисини излаб қолишди. Ана шу пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур биродарлаштириш тадбирини қўлладилар. Муҳожирлар ва ансорийлар ўртасида диний ака-укалик, оға-инилик алоқаларининг боғланишини тарғиб қилдилар. Ўзлари уларнинг номларини айтиб, «Фалончи, сен Пистончи билан биродар бўл» деб, уларнинг ақида асосидаги биродарларга айланганини эълон қилдилар. Ана ўша биродарлаштиришнинг бошқа ҳукмлари орасига мерос масаласи ҳам қўшилди. Муҳожир мусулмон ўз биродари ансорий мусул-моннинг меросини олиш ҳуқуқига, аксинча, ансорий ҳам муҳожир биродарининг меросини олиш ҳуқуқига эга бўлди. Шу билан бир вақтда, қариндошлик асосида мерос олиш йўққа чиқди. Бу ҳолат маълум муддат давом этди. Вақт ўтиши билан, Ислом аста-секин мусулмон шахс, оила ва жамиятни шакллантира борди.
Айнан насл-насаб хусусида, оилавий алоқаларни мустаҳкамлаш ишларида мерос масаласининг муҳим ўрни бор. Мерос масаласи қариндош-уруғлар, оила аъзолари орасида ўзаро масъулиятни ҳис этиш, ҳақ-ҳуқуқларга риоя қилиш ишларида муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мерос мўмин қариндош-уруғлар орасида бўлиши лозимлиги эълон қилинди. Албатта, кофир қариндош-уруғнинг меросда ҳеч қандай ҳаққи бўлмайди. Мўмин кишидан қолган меросга мўмин қариндошларигина ҳақлидир. Ибн Касир тафсирида айтилишича, «Ибн Аббос ва бошқалар: «Муҳожир ансорийга меросхўр бўлар эди. Ота томон қариндошлари ҳам, она томон қариндошлари ҳам меросхўр бўлолмас эди. Набий соллаллоху алайҳи васаллам уларни биродар қилиб қўйганлари учун шундай қилинар эди», деган. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши шундай деган эканлар: «Аллоҳ азза ва жалла хусусан биз қурайшликлар ва ансорийлар ҳақида «Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан кўра ҳақлидирлар» оятини нозил қилган. Чунки биз, қурайшликлар жамоасининг Мадинага келганимизда ҳеч қандай мол-мулки йўқ эди. Шунда ансорийларнинг жуда ҳам яхши биродар эканини кўрдик, улар билан худди биродарлардек мерос олишадиган бўлдик. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Хорижа ибн Зайд билан биродар бўлди. Умар розияллоҳу анҳу ҳам бир ансорий билан оға-ини тутинди. Усмон розияллоҳу анҳу Бану Зурайқ ибн Саъд Зарқий қабиласидан бир киши билан биродар тутинди. Мен ҳам Каъб ибн Молик билан биродар бўлдим. Урушда бўлганимизда олдига бориб, сув тутдим.
Қурол унга, ўзининг айтишича, оғир жароҳат етказганини кўрдим. Аллоҳга қасамки, эй болам, агар у ўша кунлари ўлганида, мендан бошқа ҳеч ким меросини олмас эди. Токи Аллоҳ таоло биз, қурайшликлар жамоаси ва ансорийлар ҳақида айнан ушбу оятни нозил қилганидан кейингина ўз меросларимизга қайтдик» (Ибн Абу Ҳотим ривояти). Демак, мўмин-мусулмон қариндошдан бошқа ҳеч ким меросга ҳақдор бўла олмайди. Қариндошлардан кимлар мерос олади, ким қанча олади, буниси бошқа оятларда баён этилган. Ушбу ояти каримада “Фақат дўстларингизга яхшилик қилишингиз мустасно. Бу Китобда битиб қўйилган” дейилишидан мурод, вафот этаётган одам дўстига яхшилик қилмоқчи бўлса, ўлимидан олдин молидан маълум миқдорини унга бериш ҳақида васият қолдирса бўлади. Ёки меросхўрлар «Фалончи бизга мерос қолдирган азизларимизнинг дўсти эди, унга ҳам меросдан берайлик» деб барчалари рози бўлиб беришса, мақбул иш қилган бўлишади. Бу ҳукмлар Аллоҳнинг ҳузуридаги китобда, яъни Лавҳул-маҳфузда азалдан ёзиб қўйилган эди.
7. Пайғамбарлардан аҳдларини олганимизни эсланг! (Эй Муҳаммад), Сиздан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусодан ва Исо ибн Марямдан ҳам. Ва улардан қатъий аҳд олган эдик.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло қийинчиликлар бошларига ёғилиб турган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотдан олдинги пайғамбарлардан ҳам аҳд-паймон олганини эслатмоқда. Аҳд олиш янги масъулият эмаслигини, аввалги пайғамбарлар ҳам бу ишларни бошларидан ўтказганларини, шунинг учун у зот соллаллоху алайҳи васалламни сабрли ва собитқадам бўлишга чақирмоқда. Бу ўринда энг катта (улул-азм) пайғамбарлар, энг кўп машаққат чеккан Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо алайҳимуссаломлар алоҳида зикр этилмоқда. Уларнинг аввалида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилга олинишлари у зот учун ҳам, умматлари учун ҳам улуғ шарафдир.
Аллоҳ таоло Ўзининг барча пайғамбарларидан ўзлари ягона Парвардигорга ибодат қилишлари ва бошқа инсонларни ҳам Аллоҳнинг тавҳидига даъват қилишлари борасида қатъий аҳд-паймон олган. Бу аҳд-паймон Нуҳ алайҳиссаломдан ҳам, ундан кейинги Иброҳим, Мусо, Исо алайҳимуссаломлардан ҳам, охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳам олинган. Уламолар бу аҳду паймон Аллоҳнинг барча амрларига итоат этиш, бошқаларни ҳам итоатга чорлаш, Аллоҳнинг таълимотларини одамларга бекаму-кўст етказиш ва бу борадаги қийинчилик ва озорларга сабр қилиш каби маъноларни англатишини айтишган. Аллоҳ таоло айтади: «Аҳдга вафо крлинглар! Зеро, аҳд-паймон (Қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир» (Исро, 34). Заҳҳок айтади: «Аллоҳ таоло бу умматдан ҳалол-ҳаром, намоз каби фарз этилган нарсаларга ва бошқа аҳдларга вафо қилишга аҳд-паймон олган. Аҳдлар ҳам худди шу каби бўлиб, Аллоҳ фарз қилган нарсалардандир. Бирор ҳолатда ҳам уни бузишга йўл йўқ».
8. Буни У содиқлардан садоқатлари ҳақида сўраш учун қилди ва кофирларга аламли азобни тайёрлаб қўйди.
Ушбу ояти каримадаги «содиқлар»нинг ким экани ҳақида муфассирлар икки хил фикр айтишган: бир гуруҳлари «Содиқлар пайғамбарлардир», дейишган бўлса, иккинчилари «Содиқлар пайғамбарларга содиқ бўлган мўминлардир» деб айтишган. Аслида, бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади. Аллоҳ таолонинг аввалдан “Мийсоқ” - салмоқли аҳду паймон олиб қўйишининг ҳикмати кейин, қиёматда аҳдига содиқ пайғамбарлар ва уларга эргашган содиқ мўминлардан сўраш учундир. Бу сўров иззат-эҳтиром сўрови, кўпчиликнинг олдида мукофотга сазовор бандани мақташ маъносида-ги сўровдир. Шу билан бирга, бу сўров кофир, мушрик, мунофиқ ва осийларнинг дардига дард, хасратига хасрат қўшадиган, “қанийди, бизлар ҳам шулардан бўлсак!” деган орзу уйғотадиган оғир саволдир. Уларга азобдан бошқа нарсанинг бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ўша пайтларда Ислом давлати эндигина шаклланиб келаётгани боис, ушбу ояти каримада ана шу давлатнинг раҳбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ва ўша жамият аъзолари, ўша давлат кишилари бўлмиш мўмин-мусулмонларни аҳду паймонга эришиш йўлидаги ҳар қандай қийинчиликларга ҳам парво қилмай, олға боришга тарғиб бордир. Оятнинг башорати кўп ўтмай тасдиқланди: ана шундай қийинчиликлардан бирига мусулмонлар рўбарў бўлишди. Мушрикларнинг ва Ислом душманларининг барча аҳзоби - ҳизблари, гуруҳ ва фирқалари бирлашиб, Исломни ер юзидан супуриб ташлашга қарор қилди. Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом даъватини инсонларга тинчлик-омонликда етказар эдилар. Мусулмонларга Ислом таълимотларини ўргатар, шариат аҳкомларини жамиятда татбиқ қилар, кишилар орасида учрайдиган муомалаларни йўлга қўяр, қисқаси, ислом кишисини тарбиялар ва мусулмон жамиятини аста-секин барпо этаётган эдилар. Бунинг хабари атрофга тарқалиб, кишиларда Исломга бўлган қизиқиш ортар ва одамлар якка-якка ҳолларида келиб, мусулмонлар сафига қўшилишар эди. Бу ҳолат Ислом душманларини қаттиқ ташвишга солди. Мусулмонлар бу ҳолатда тинч-омон қўйиб қўйилса, ҳамма улар томонга ўтиб кетишидан ваҳимага тушишди. Шунинг учун “ҳаммамиз бирлашиб, мусулмонларни йўқ қилмасак бўлмас экан” деган фикрга келишди.
Ана шундай қалтис бир вазиятда мусулмонлар Хандақ урушига киришга мажбур бўлишди. Хандақ ғазоти маккалик мушриклар томонидан мусулмонларга қарши очилган даҳшатли бир уруш эди. Бу уриниш қурайшийларнинг Мадинани босиб, мусулмонларни йўқ этиш учун бошлаган ташаббусларининг учинчиси эди. Илк ташаббус Катта Бадр ғалабаси билан маҳв этилди. Иккинчиси Уҳуд тоғида тўхтатилди. Учинчиси ва сўнгги ташаббус эса, Мадина қамалида Хандақ ғазотига сабаб бўлди. Уҳуд муҳорабасида мусулмонларнинг жангда ютқизмагани арабларнинг мушрик қабилаларига алам қилган, шу сабабдан Ислом динига қарши душманлик кайфияти очиқ-ойдин тус олган эди. Мунофиқлар ҳам ғаразли мақсадла-рини яширишмасди. Улар турли жойларда мусулмонларга ҳужум қилиш учун пайт пойлар эдилар. Мадина ичида ҳам, ташқарисида ҳам мусулмонлар ўзларини хотиржам, омонликда ҳис этишмас, деярли ҳар куни у ер-бу ерда тажовузлар бўлар, вазият борган сайин оғирлашиб борар эди. Мусулмонлар ҳатто қуролсиз кўчага чиқмай қўйишди. Кечалари ҳам қуроллари билан ётишарди. Онда-сонда аҳволлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга арз қилиб қолишса, Пайғамбаримиздан истиқболга оид хушхабарлар олишар, шу билангина таскин топишар эди. Расулуллоҳ алайҳис-саломнинг асосий вазифалари жанг қилиш эмас, Ислом динини ва тавҳид эътиқодини ёйиш эди. Ана шу мақсадда қабилалар орасига муаллимлар, муршидлар юбора бошладилар. Бироқ баъзи қабилалар хоинлик қилиб, ўзлари сўраб олиб кетган бу муршидларни олчоқларча ўлдиришди. Биъри Мауна ва Рожий ҳодисалари шу тахлит воқеъ бўлган фожиалардандир. Бир томондан Расули Акрам сулҳ йўли билан катта урушга йўл қўймасликка ҳаракат қилиб, вакиллари орқали инсонларни тўғри йўлга чақирардилар, бошқа томонда маккаликлар Мадинага қарши катта куч тайёрлар эди. Бутпараст қурайшийлар яҳудийлар ва мунофиқлар билан тил бириктириб, мусулмонликни йўқ қилишга қарор беришган эди.
Турли фирқаларнинг Исломга қарши бошлаган ҳарбий ҳаракатларини машҳур тарихчилардан Ибн Исҳоқ қуйидагича ривоят қилади: «Хандақ урушида воқеа бундай бўлган эди. Бир гуруҳ яҳудийлар, жумладан, Салом ибн Абул Ҳақиқ Назрий, Ҳайй ибн Ахтоб Назрий, Кинона ибн Робиъа, Ибн Абул Ҳақиқ, Ҳаваза ибн Каас Воилий, Абу Аммор Воилий, Бани Назир ва Бани Воил қабилаларининг гуруҳлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши фирқаларини тўплашган эди. Улар жамланиб, Маккага - Курайш кофирлари олдига боришди ва уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши урушга даъват қилишди. «Биз уни таг-томири билан йўқ қилиб ташлагунимизча сизлар билан бирга бўламиз», деб ваъда беришди. Қурайшликлар улардан: “Эй яхудийлар жамоаси! Сизлар аввалги китоб аҳлидирсизлар. Биз Муҳаммад билан келишмаётган нарсанинг илмини ҳам биласизлар. Бизнинг динимиз ҳақми, уникими?” деб сўрашди. Ўзларини Аҳли китоблардан - Тавротга эргашувчилардан деб даъво қиладиган яҳудийлар: “Сизларнинг динингиз уникидан яхшидир. Сизлар ҳаққа яқинсизлар”, деб жавоб қилишди. Қурайшликлар бу гапдан хурсанд бўлиб, ҳаракатга тушишди. Уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилиш ҳақидаги чақириқларига биноан жангга тайёргарлик кўрила бошланди.
Сўнгра мазкур яҳудийлар жамоаси Ғатафон қабиласига бориб, уларни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши урушга чақиришди. Уларни ҳам «Сизлар билан бирга бўламиз» деб ишонтиришди. Қурайшликларнинг ҳам бу таклифни қабул қилганларини билдирдилар. Улар ҳам жангга тўпланишди. Қурайшликлар Абу Суфён ибн Ҳарб бошчилигида урушга чиқдилар. Ғатафонликлар ҳам жангга отланишди. Улардан Бани Физорага Уяйна ибн Ҳисн, Бани Муррага Ҳорис ибн Ҳарб ва Ашжаъ қабиласидагиларга Масъар ибн Раҳийла бошлиқ бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам уларнинг тўпланиб келаётганини эшитгач, саҳобаларини чақириб маслаҳат солдилар. Уларнинг қарши урушга чиқайлик, дейишса, имконлари йўқ, душман ҳаддан ташқари кўп. Уларнинг Мадинаи мунавварага киришларига ҳам йўл қўйиб бўлмайди. Хоин яҳудий қабиласи бўлмиш Бани Қурайза ичкарида туриб душманга ёрдам бериши мумкин. Нима қилиш керак? Шунда саҳобалардан Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Мадинаи мунаввара атрофида хандақ қазишни маслаҳат берди. Чунки форслар урушларда шундай услуб қўллашар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фикрни қабул қилдилар. У зот ҳаммани хандақ қазишга чорладилар. Бу ишда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шахсан иштирок этдилар. У зот ҳам, мусулмонлар ҳам астойдил ишлаб, ҳолдан тойишди. Баъзи бир мунофиқлар беркиниб, қочиб қолди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн ҳам сўрамай уйларига кетиб қолди. Мусулмонлар эса бирор зарур юмушлари чиқиб қолса, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламдан рухсат сўрашар, ишлари битиши билан дарҳол жойларига қайтиб келишар эди. Хандақ қазиш табиий шароитга сира мос келмас эди. Шундай бўлса ҳам, мусулмонлар белни маҳкам боғлаб, иштиёқ билан ишлашди. Хандақ қазиб бўлингач, душманлар ҳам кўрина бошлади. Қурайшликлар Румаҳ деган сел тўпланадиган жойга келиб тушди. Уларнинг лашкари ўн минг кишидан иборат эди. Улар ўзларига яқин Бани Кинона ва Туҳома аҳлларини, хизматкор қулларини ҳам бирга олиб келишган эди. Ғатафонликлар ҳам ўзларига қарашли Нажд аҳллари билан бирга Уҳуд тарафидаги Занабу Нақма деган жойга келиб тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч минг кишилик мусулмон лашкари билан чиқдилар. Салъ деган манзилдан ўтиб, ўша жойга қароргоҳ қуришди. Душман билан ўрталарида хандақ бор эди. Шунингучун Аҳзоб уруши «Хандақ» номи билан ҳам танилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан болалар ва аёллар қўрғонга жойлаштирилди. Мадинага бостириб киришни кўзлаб келган душманлар хандақни кўриб, ҳайрон қолишди. Бу иш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган иш эди. Араблар тарихида бирор жойда, бирор урушда хандақ қазилгани номаълум эди. Шунда улар қандайдир бошқа чора кўриш зарурлигини ўйлаб қолишди.
Ана шундай таҳликали пайтда Аллоҳнинг душмани яҳудий Ҳайй ибн Ахтоб ҳаракатга тушиб қолди. Мадинада мусулмонлар билан бирга яшаётган яҳудийларни ишга солиб, ичкаридан зарба беришни режалади. У Бани Қурайза қабиласи бошлиғи Каъб ибн Асад Қаразийга бориб учрашди. Каъб ибн Асад ўз қабиласи номидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинчлик, ҳамкорлик аҳдномасини тузиб яшаётган эди. Каъб ибн Асад Ҳайй ибн Ахтобга: “Сен шумқадам одамсан, мен Муҳаммад билан аҳдлашганман, у билан орамиздаги аҳдномани бузмоқчи ҳам эмасман, мен унинг доимо аҳдига вафо қилганини кўрдим”, деди. Ҳайй бўлса: “Шўринг қурсин, эй Каъб! Мен сенга бир умрлик обрў, улкан имконият келтирдим. Қурайшни бошлиқларию улуғлари билан бирга олиб келдим. Мен уларни Румаҳдаги сел тўпланадиган жойга туширдим. Ғатафонни ҳам оқсоқоллари билан қўшиб олиб келиб, Уҳуд томонга туширдим. Улар менга Муҳаммадни таг-томири билан йўқотмагунларича қайтмасликка аҳду паймон бердилар”, деди. Каъб унга: “Аллоҳга қасамки, сен менга бир умрлик хорлик келтирдинг. Суви тушиб бўлган булут келтирдинг. Мен Муҳаммаддан фақат вафо ва садоқат кўрдим, холос”, деди. Ҳайй бўлса Каъбнинг бошини айлантириб, турли гаплар билан қизиқтириб, охири айтганига кўндирди. Иккови аҳд-паймон қилишди. Агар Қурайш ва Ғатафон Муҳаммадни енга олмай қайтиб кетса, Ҳайй ҳам Каъб билан бирга унинг қўрғонига кириб, мусибатига шерик бўлади. Каъб ибн Асад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдномасини бузди ва Бани Қурайза ҳам душман фирқаларга қўшилди.
Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганида одам юбориб, унинг ростлигини аниқлаб олдилар. Шундан сўнг хавф-хатар янада кучайди. Мусулмонларнинг душманлари юқори тарафдан ҳам, қуйи тарафдан ҳам бостириб кела бошлади. Мўминлар турли гумонларга боришди. Мунофиқларнинг кирдикорлари, хиёнатлари ошкор бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга қарши қурол кўтариб келган мушриклар йигирма кундан ортиқ - бир ойга яқин шу ҳолатда туришди. Баъзи бир камон оти-шишларни айтмаганда, орада уруш бўлмади. Мусулмонлар қамалда қолишди. Вазият оғирлашганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғатафоннинг лашкарбошилари Уяйна ибн Ҳисн ва Ҳорис ибн Авфга элчи юбориб, агар одамлари билан қайтиб кетишса, Мадинадаги хурмозорнинг учдан бирини беришларини айтдилар. Икки томон сулҳустида шартлаша бошлади. Аҳднома ёзилди, аммо гувоҳлар олдида тасдиқланмади. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам бу сулҳни тасдиқлашдан олдин Авс қабиласи бошлиғи Саъд ибн Муъоз ва Хазраж қабиласининг бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳумоларга одам юбориб, бўлаётган ишдан хабар бердилар ва маслаҳат сўрадилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу ишни ўзингиз ёқтириб амалга оширмоқчимисиз ёки Аллоҳнинг сизга буюрган амри бўлиб, уни қилмоғимиз зарурми? Ёхуд биз учун қилаётган ишингизми?” деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар учун қилаётган ишимдир. Аллоҳга қасамки, бу ишни қилмас эдим. Фақат кўрдимки, араблар сизни худди бир камондан ўққа тутаётгандек тўпланиб туришибди. Улар сизга қарши ҳар томондан ташланмоқда. Шунинг учун уларнинг шавкатини бир оз бўлса ҳам сўндирмоқчи эдим”, дедилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳам, улар ҳам Аллоҳга ширк келтириб, бут-санамларга ибодат қилиб юрардик. Аллоҳга ибодат қилиш тугул, Уни ҳатто танимас эдик. Ўшанда уларнинг Мадина мевасини меҳмондорчилик ёки савдо туфайли ейишдан бошқа умидлари йўқ эди. Энди Аллоҳ бизни Ислом билан азиз қилган, ҳидоятга бошлаган, сиз билан, Ислом билан эъзозлаган бир пайтда уларга мол-мулкимизни берамизми?! Аллоҳга қасамки, бизга бунинг зарурияти йўқ. Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Ўзи биз билан улар орасида хукм чиқармагунича уларга қиличдан бошқа нарсани бермаймиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майли, сенинг айтганинг бўлақолсин”, дедилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу аҳднома ёзилган саҳифани олиб, ундаги ёзувларни ўчирди. Сўнгра: “Бизга қарши уриниб кўрсинлар!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари ана шундай хавотирли ва хавфли вазиятда туришар эди. Мўминлар онаси Умму Салама розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча урушлар ва хавф-хатарли воқеаларга шоҳид бўлдим. Мурайсиъда, Хайбарда, Ҳудайбияда бўлганмиз, Фатҳда ва Ҳунайнда ҳам. Уларнинг ҳеч бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Хандақчалик қийин ва хавфли бўлмаган. Мусулмонлар жуда оғир ҳолатда эдилар. Қурайшликлар бола-чақа ва аёлларга ҳужум қилиб қолиши мумкин эди. Мадинани тонг отгунча қўриқлаб чиқишарди. Хавфнинг катталигидан мусулмонларнинг тонг отгунча такбир айтиб чиққанларини эшитар эдик».
Кейин ғатафонлик Нуъайм ибн Масъуд ибн Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен мусулмон бўлдим. Аммо қавмим мусулмон бўлганимни билгани йўқ. Менга хоҳлаган ишингизни буюринг”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сен бизнинг одамсан, агар қўлингдан келса, уларнинг орасини буз. Уруш доғда қолдиришдир”, дедилар. Нуъайм ибн Масъуд шундан кейин чиқиб, Бани Қурайзага борди. Жоҳилият даврида улар билан улфатчилик қилиб юрар эди. Ибн Масъуд уларга: “Эй Бани Қурайза, сизларни яхши кўришимни биласизлар. Гап орамизда қолсин-у, қурайшликлар билан ғатафонликларнинг сиздан фарқи бор. Бу юрт сизларнинг юртингиз. Унда мол-мулкингиз, бола-чақангиз, аёлларингиз бор. Қурайшликлар ва ғатафонликлар Муҳаммад ва унинг шериклари билан урушгани келишган. Сизлар эса Муҳаммадга қарши уларга ёрдам бердингиз. Уларнинг мол-мулклари ҳам, юртлари ҳам, аёллари ҳам бошқа жойда. Агар қўлларидан келса, бир иш қиладилар, бўлмаса, юртларига қайтиб кетиб, сизни анави одам билан ёлғиз ташлаб қўядилар. Агар у билан якка ўзингиз қолсангиз, кучингиз етмайди. Сиз анави қавмнинг улуғларидан баъзиларини гаровга олмагунингизча, улар билан урушга кирманг. То Муҳаммадга қарши урушнинг охиригача гаровга олинганлар қўлингизда турсин”, деди. Улар: “Тўғри айтасан”, дейишди. Бу гап, гарчи Бани Қурайза қурайшликларга ёрдам бермаслиги мақсадида айтилган бўлса ҳам, ёлғон эмас, Бани Қурайза учун керакли танбеҳ эди.
Сўнгра Нуъайм ибн Масъуд қурайшликларнинг бошлиғи Абу Суфённинг ҳузурига борди ва: “Менинг сизларга бўлган муҳаббатимни ҳам, Муҳаммад билан алоқам йўқлигини ҳам яхши биласизлар. Ўзимга етган нарсадан сизларни хабардор қилиб қўйишни бурчим деб билганимдан олдингизга келдим. Аммо ҳеч кимга айтмайсизлар!” деди. Улар: “Розимиз”, дейишди. У: “Яҳудийлар Муҳаммад билан ўрнатилган сулҳни бузишганига надомат қилиб, унга одам юборганини биласизларми? Улар «Қилган ишимизга пушаймонмиз, агар Қурайш ва Ғатафоннинг улуғларидан сенга асир олиб берсак, биздан рози бўласанми? Сен уларнинг калласини оласан, кейин биргалашиб, душманни қириб ташлаймиз», дейишган экан, Муҳаммад «Хўп», дебди. Агар яҳудийлар одам юбориб, сизлардан гаровга одам беришни сўрасалар, бирор кишини бера кўрманглар”, деди. Кейин Ғатафоннинг ҳузурига бориб, уларга ҳам Курайшга айтганларини айтди.
Ушбу гаплардан кейин Абу Суфён Бани Қурайзанинг ҳузурига Икрима ибн Абу Жаҳлни юбориб, уларни урушга чорлади. Икрима уларга: “Биз ўз еримизда эмасмиз, ҳайвонларимиз ҳалок бўлмоқда. Урушни бошлайлик-да, Муҳаммадни йўқ қилиб, ишни тугатайлик”, деди. Ўша куни шанба эди. Яҳудийлар узр айтишди: “Бу кунда бизлар ҳеч нарса қилмаймиз. Баъзи бирларимиз бу кунда баъзи ишларни қилиб, мусибатга учраган. Ундан кейин, яна то Муҳаммадни йўқотгунимизча бизга гаровга одам бериб қўймасанглар, сизлар билан унга қарши уруш қилмаймиз. Сизлар урушда қийналиб, юртингизга қайтиб кетиб, бизни ташлаб қочишингиздан қўрқамиз. Муҳаммад бизнинг юртда турибди. Биз якка ўзимиз унга қарши тура олмаймиз”, дейишди. Шундай қилиб, уларнинг ораси бузилди. Лекин барибир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши душманликларини давом эттиришди. Бани Қурайза яҳудийлари ичкарида қолган аёллар ва болаларга зарар етказишнинг пайида бўлдилар. Ана шундай ёмон мақсадда борган яҳудийлардан бирини Сафия бинти Абдулмуттолиб уриб ўлдирдилар.
Қурайшликларнинг баъзилари хандақдан ўтиб, мусулмонларга яқинлашди. Булар ичида Икрима ибн Абу Жаҳл, Бани махзумликларнинг баъзилари ва Амр ибн Абду Вудд Омирий бор эди. Кейинчалик ҳам мушриклар бир неча бор хандақдан ўтишга уриниб кўрдилар, аммо ҳар сафар қаттиқ қаршиликка учраб, ортга қайтдилар. Икки томондан бир-бирига камон отишлар бўлди. Мусулмонлар беш кишини шаҳид ҳам беришди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Аллоҳдан астойдил нусрат тилаб, қатъият ва сабот билан туришар эди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам тинмай дуо қилдилар. Аллоҳ таоло душманларга қишнинг совуқ кечасида ўта совуқ шамол юборди. Шамол душманнинг чодирларини, қозонларини учириб кета бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душман орасида ихтилоф пайдо бўлгани, Аллоҳ уларнинг бирлигини бузгани ҳақида хабар етганидан сўнг кечаси нима бўлаётганини билиб келиш учун уларнинг ичига Хузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуни юбордилар. Бу ҳақда Хузайфа ибн Ямон розиял-лоҳу анху қуйидагиларни айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Хузайфа, анави қавмнинг ичига бориб, нима қилаётганларига назар сол. Бизга қайтиб келгунингча, ҳеч нарса қилма», дедилар. Топиб бордим ва қавмнинг ичига кирдим. Шамол ва Аллоҳнинг лашкарлари нима қилса-қилаётган эди. Шамол уларнинг қозонини ҳам, оловини ҳам, чодирини ҳам жойида қўймас эди. Абу Суфён орага бегона одам аралашиб қолмаслиги учун ўрнидан туриб: “Эй Қурайш жамоаси, ҳамма ёнидаги одамга қарасин”, деди. Мен ёнимдаги одамни ушлаб: “Сен кимсан?!” дедим. У: “Мен Фалончи ибн Пистончиман”, деди. Сўнгра Абу Суфён: “Эй Қурайш жамоаси! Чидаб бўлмас бир ҳолатга тушиб қолдингиз. Туя ва отлар ҳалокатга учради. Бани Қурайза сизга хиёнат қилди. Улардан бизга ўзимиз ёмон кўрган нарса етди. Шамолнинг зўридан нима бўлаётганини ҳам кўриб турибсиз. Қозонимиз жойида турмайди. Олов ёнмайди. Чодирларимиз тик турмайди. Қани, жўнанглар, мен жўнадим! - деди. Сўнгра бориб, туясига миниб, уни урган эди, уч оёқлаб сакраб турди. Бир оёғи буклаб боғланган экан. Аллоҳга қасамки, у туянинг оёғини тик ҳолида ечди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга «Бизга қайтиб келгунингча бир нарса қилма» деган амрлари бўлмаганида, уни ўлдирар эдим».
Шундай қилиб, Аҳзоб уруши тугади. Исломни ва мусулмонларни таг-томири билан суғуриб ташлаш ниятида тўпланган кофир ва мушрик гуруҳлар ёвуз мақсадларига ета олишмади. Аллоҳ таоло мусулмонларга нусрат берди. Мана шу ҳодисаларни Қуръони карим келгуси оятларда ўзига хос услуб билан баён қилиб беради:
9. Эй имон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматларини: сизларга лашкарлар келганида уларнинг устига шамолни ва сиз кўрмаган лашкарларни юборганимизни эсланглар. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб туради!
Ибн Ҳишомнинг “Сийратун-набавийя” асарида келтирилиши-ча, Ибн Исҳоқ шундай деган: “Аллоҳ таоло Хандақ ва Бани Қурайза иши ҳақида Қуръонда Аҳзоб сурасидаги қиссани нозил қилди. Мазкур сурада мўминларга келган синов, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг уларга берган неъмати, уларни балолардан қутқариб, кифоя қилгани ва нифоқ аҳлининг ҳолати зикр қилинади”. Ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга улар учун энг севимли нидо - «Эй имон келтирганлар!» хитоби билан мурожаат қилмоқда ҳамда Ўзининг берган неъматларини эслашни амр қилмоқда. Дарҳақиқат, одамларни душман ҳужумидан асраш, уларга тинчлик-омонлик ва хотиржамлик бериш, душманлар устидан зафар қозониш Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этган улуғ неъматлари ҳисобланади. Бу неъматни эслаш, унга шукр қилиш эса мўмин-мусулмонларнинг бурчидир. Ўша пайтда мусулмонларга ҳам Парвардигор ана шу неъматларини бериб, уларни имтиҳондан ўтказганганини эслатмоқда. Мусулмонларга қарши қўшин тортиб келган фирқалар Қурайш, Ғатафон ва Бани Қурайза қабилалари эди. Аллоҳ таоло айтяптики, Қурайш ўзининг одамлари ва малайлари билан ҳамда Ғатафон ва Бани Қурайза қабилалари билан бирлашиб-фирқа тузиб, устингизга бостириб келишган эди. Улар сизларни бутунлай йўқ қилиб юбориш мақсадида эдилар. Шунда Парвардигорингиз сизларни улардан ҳимоя қилиб, совуқ қиш кечасида кофирларнинг ҳизблари устига ўта совуқ шамолни юборди. Ўша шамол уларнинг рўзғор ашёлари ва чодирларини учириб кетди, оловларини ўчириб ташлади. Бирор киши қоматини тиклаб юролмай қолди. Аллоҳ таоло сизларнинг барча ҳаракатларингизни кўриб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чақириқларига «лаббай» деб жавоб бериб, сафарбарликка чиққан, маслаҳатлашиб хандақ қазиш ва бошқа ишларда қанчалик жонбозлик кўрсатганларингизни ҳам кўриб-билиб турди. Уламолар «Кўринмаган лашкарлар»дан мурод фаришталар бўлиб, улар мушрикларнинг қалбларига қўрқинч солганлар-у, уруш қилмаганлар», дейишади.
10. Ўшанда улар сизларга юқоридан ҳам, қуйи томондан ҳам келишган эди. Ўшанда кўзлар тиниб, жонлар ҳалқумга келган эди ва Аллоҳ ҳақида турли гумонлар қила бошлаган эдингиз.
Мусулмонлар устига бостириб келган фирқалар уларга ҳар томондан ҳамла қилишга ўтган эди. Уларнинг уст томонидан келганлар Бани Қурайза, уларнинг қуйи томонидан келганлар эса Қурайш ва Ғатафон эди. Бани Қурайза қабиласи Хандақ ғазотининг энг нозик палласида қурайшийлар билан бирлашиб, мусулмонларга қарши урушга қўшилди ва Пайғамбаримиз билан тузилган сулҳ битиимини бузди. Шу тариқа мусулмонлар икки ўт орасида қолишди. Уч томонлама кучли душманнинг бостириб келишидан ҳамма хавфга тушган, кўзлар тиниб, жонлар ҳалқумга келиб қолган эди. икки ўт орасида қолган эдингиз. Вазият шу қадар жиддий ва хавфли, хавотир шу даражада кучли эдики, улар Аллоҳ ҳақида турли гумонлар қила бошлашди.
11. Ана шу жойда мўминлар синовга учрадилар ва қаттиқ ларзага тушдилар.
Ҳижратнинг 5 (милодий 627) йили Макка мушриклари Абу Суфён бошчилигида Мадинани қамал қилиб, мусулмонларга қарши ўн минг қўшин билан жангга киришади. Уч юз кишилик Ислом жангчилари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошчиликларида уларга қарши чиқишади. Мадина ташқарисига саҳобий Салмон Форсийнинг таклифи билан ҳимоя ҳандақ (чуқур)лари кавлашади. Уч ҳафталик қамалдан сўнг Абу Суфён қўшинлари Мадинани ололмай орқага чекинади, жанг мусулмонлар ғалабаси билан тугайди. Шунинг учун бу «Хандақ ғазоти» деб ном олади. Душман лашкарлари турли қабилалардан ташкил топгани учун Хандақ ғазотига «Аҳзоб ғазоти» номи ҳам берилган. Ўшанда мусулмонлар куршов ичида қолиб, шаҳар атрофида хандақ қазиб, ҳимояланишди. Душман ҳамма томондан хавф солиб турди. Кечаю кундузнинг фарқи йўқ бўлиб қолди. Мушриклар бирин-кетин келиб, мусулмонлар ғафлатда қолган вақтда хандақдан ўтишга чора ахтаришарди. Мусулмонлар эса хушёрликни қўлдан бермай, кечаю кундуз жангга шай турардилар. Ҳатто баъзан намоз ўқишга ҳам вақт топа олмай қолишди. Бунинг устига, яхудийларнинг Бани Қурайза қабиласи хиёнат қилиб, аҳдни бузди, душманга қўшилиб кетди. Мусулмонлар ичида турган бу хоинлар ҳар лаҳзада катта мусибатлар етказишлари мумкин эди. Мусулмонлар дучор бўлган синов, уларни ларзага солган ҳолат шу эди.
12. Ўшанда мунофиқлар ва қалбларида касаллиги борлар: «Аллоҳ ва Унинг Расули бизга фақат ёлғонни ваъда қилган экан», дейишар эди.
«Нифоқ» сўзи луғатда «ичи бўш, кавак» маъносини билдиради, мунофиқ эса «нифоқ қилувчи, иккиюзламачи» маъноларини англатади. Истилоҳда сиртдан мусулмонлигини эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмаган кимса «мунофиқ» дейилади. Қалбида имон шартларини тасдиқ қилмай, фақат тилидагина унга иқрор бўлган, одамлар кўзига мусулмон каби кўриниб, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кимса мунофиқ саналади. Мунофиқ кофирдан ҳам ёмондир.
Шунинг учун мунофиқ дўзахнинг қаъри (энг чуқур жойи)га ташланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом мунофиқнинг уч белгиси бўлишини айтганлар. Булар: ёлғон гапириш, ваъдага вафо қилмаслик ва омонатга хиёнат қилишдир. Шариат ҳукмига кўра, бундай одамлар то тили билан куфрини очиқ баён этмагунича ёки хиёнат ишлари фош бўлмагунича зоҳирига қараб мусулмонлар қаторига кўшиб турилади. Чунки Исломда шубҳа билан ёки ноаниқ далилга суяниб ҳукм чиқарилмайди. Қуръони каримда мунофиқлар қаттиқ қораланган. Хандақ ғазотида бўлгани каби шундай қийин ҳолатларда мунофиқлар ва қалбида марази борлар, имони заифлар доимо панд берадилар. Улар бекиниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамай, сафарбарликдан кетиб қолганлари ҳам етмагандек, мўминлар ичига ғулғула солиб: «Аллоҳ ва Унинг Расули бизга фақат ёлғонни ваъда қилган экан», дер эдилар. Уларнинг вакили Муаттаб ибн Қушайр: «Муҳаммад бизга Кисро ва Қайсарнинг хазиналарини ейишимизни ваъда қилар эди. Лекин бугун бирор кишининг эсон-омон таҳоратга бориб келишига ҳам ишонмай қолдик-ку!» деди. Бундай мунофиқлар доимо енгиллик ёки ғалаба бўлсагина, мусулмонлар билан бирга бўлишади, салгина машаққат ёки мағлубият эҳтимоли юзага келса, уларнинг имонлари заифлиги ва очиқ нифоқлари дарҳол билиниб қолади.
13. Ўшанда улардан бир тоифаси: «Эй Ясриб аҳли, сизларга туришга жой йўқ, қайтинглар», деди. Улардан бир гуруҳи эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ қолган» деб, Пайғамбардан изн сўрашди. Ҳолбуки, улар очиқ-сочиқ эмасди, улар қочишнигина исташар эди.
Мадинаи мунаввара шаҳри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб келмасларидан аввал Ясриб деб аталарди. У зот келганларидан кейин у “Мадинатур-Расул” (Пайғамбар шаҳри) деб аталадиган бўлди, кейинчалик эса оддийгина Мадина бўлиб кетган. Мадинага душман ҳар томондан таҳдид қилаётгани, мусулмонлар энг нозик ва буҳронли дақиқаларни бошдан кечираётган бир пайтда Бани Қурайза яҳудийлари аҳдларини бузишди. Қулай фурсат келганини сезиб, мусулмонларга орқа тарафдан таҳдид солиш учун қурайшийлар билан тил бириктиришди. Натижада мусулмонлар бир томондан мушрик фирқалар, иккинчи томондан Бани Қурайза каби душман орасида қолишди. Шу сабабли Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам хандақ чизиғини муҳофаза этиш билан бирга шаҳарни ҳимоя қила олиш учун қўриқчи бўлинмалар ҳам қўйган эдилар. Лекин хандақнинг бир жойи яхши қазилмаган бўлиб, у ердан кечқурун босқин уюштириш хавфи бор эди. Пайғамбар алай-ҳиссаломнинг ўзлари у ерда шахсан пойлоқчилик қилдилар. Ислом лашкарлари орасига бир неча мунофиқ ҳам кириб олган эди. Улар қўшинда бузғунчилик ишларини бошлаб юборишди. Қуръони карим бу ҳақиқатни қуйидагича очиб беради: «Ўшанда улардан бир тоифа одам шундай деди: «Эй Ясриб аҳли, сизлар учун бу қадар кўп сонли ёвга қарши туришнинг имкони йўқдир. Энди ўз уйларингизга қайтиб кетаверинглар». Улардан яна бир гуруҳ эса, аниқроғи, Авс ибн Қайсий ва унинг одамлари «Уйларимиз очиқ-сочиқ қолган эди» деб Пайғамбардан кетишга изн сўради. Ҳолбуки, уларнинг уйлари очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат жанг майдонидан қочишнигина исташарди». Лекин Аллоҳ таоло ҳамма нарсани, ҳатто дилда яширинган сирларни ҳам билади, шунинг учун У Зот уларнинг ёлғончи эканини фош этмоқда: Бу мунофиқ ва имони заиф кимсалар қочиш баҳонасида шу гапни тўқишмоқда, холос.
14. Агар улар устига унинг ҳар тарафидан бостириб кирилса, сўнгра улардан фитна талаб қилинса, улар кўп иккиланмай қўшилган бўлишарди.
Хандақ ғазотида мунофиқ ва имони заифларнинг устига душман Мадинанинг ҳар томонидан бостириб кириб, фитнани - яъни, диндан қайтиш ва мусулмонларга қарши урушишни талаб этса, улар дарҳол ўша ишни ҳеч иккиланмай қилишар эди. Мунофиқларнинг бу қилмишлари мусулмонларни қаттиқ ташвишга соларди. Мадинанинг бир томонида тошдан қилинган уйларнинг тош деворлари бўлиб, бу ер анча муҳофазали эди. Бошқа тарафида эса, тик қояли Сел тоғи жойлашган бўлиб, унинг олд томони очиқ эди. Бу ер Сел тоғининг шарқида, Мадинанинг шимол томонида бўлиб, Шомга ва Уҳуд тоғига қараган эди. Душман мана шу очиқ қолган тарафдан ҳужум қилиши мумкин. Шу сабабли ҳандақ шу томондан қазилганди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам аскар сафларини Сел тепалигига орқа қилиб тузарканлар, аёллар билан болаларни мустаҳкам, пана ерларга юбордилар. Бу хоинликка қарши бир эҳтиёт чораси эди. Чунки Ислом жабҳасининг энг заиф нуқтаси орқада - яҳудийлар яшайдиган жой эди. Бани Қурайза яҳудийлари қурайшийлар билан бирлашса, қазилган ҳандақнинг аҳамияти қолмас эди. Ислом лашкарлари ҳандақ олдида жанг қилаётганида, яхудийлар шаҳарни босиб олиши, мусулмон оилаларини қиличдан ўтказиши, турли фитналарга солиб, динларидан қайтариши мумкин эди. Шу сабабли мусулмонлар ташвиш ичида қолишди.
15. Ҳолбуки, улар бундан олдин ортга қочмасликка Аллоҳга аҳд беришган эди. Аллоҳга берилган аҳд эса масъулиятдир.
Хандақ ғазоти пайтида Авс ибн Қайзийнинг қабиласи Бани Ҳориса жанг майдонидан қочиш учун ёлғон тўқиган, турли сабабларни баҳона қилиб, аҳдига хиёнат қилган эди. Улар Уҳуд урушида ҳам ортга қараб қочмоқчи бўлган, кейин эса ортга қочмаслик ҳақида Аллоҳга аҳд берган эди. Ўшанда Аллоҳ уларни Ўз раҳматига олиб, кечирган эди. Бир вақт келиб, Аллоҳ томонидан албатта аҳдлари ҳақда сўраладилар, аҳду паймон унутиб юборилмайди. Мана энди Хандақ урушида ўша аҳд масъулияти юзага чиқди. Қиёмат куни эса, Аллоҳга берилган аҳдга вафо қилиндими-йўқми, бу борада албатта сўроқ-савол бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Ким дўзахдан йироқ бўлиб, жаннатга киришни ёқтирса, Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ҳолда ўзига берилишини яхши кўрган нарсасини одамларга берсин. Ким бир раҳбарга байъат қилиб, унга қўлининг аҳд-битимини ва қалбининг мевасини берса, қодир бўлганча унга итоат этсин. Мабодо бошқаси келиб, у билан талашиб-тортишса, ўша бошқа кимсанинг бўйнига уринглар» (Муслим ривояти).
16. (Эй Муҳаммад): «Агар ўлишдан ёки ўлдирилишдан қочсангиз, бу қочиш сизларга асло фойда бермайди. Демак, сизлар жуда оз фойдаланасизлар», денг.
Барча тақдирлар ва ҳодисалар Аллоҳ таолонинг иродасига бўйсундирилган, ўлимдан эса бирор киши қутулиб, омонда қолмайди. Уни бир сония ҳам на ортга суриб бўлади, на тезлаштириб. Сиз тақдир зарбасидан қочмоқчи бўлсангиз ҳам унинг ёзиғи ҳамма ерда сизни албатта топиб олади. Бу дунёдаги ҳамма нарса - неъмат ва лаззатлар ҳам, хурсандчилик ва ғам-ташвишлар ҳам, бари ўткинчи. Ҳеч бир нарса сизни Аллоҳнинг азобидан ёки балосидан асраб қололмайди, қисматингизга ёзилганини албатта кўрасиз. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ягона Парвардигорингизга юкунинг, Унгагина суянинг, Унгагина итоат қилинг! Бу ояти карима ўлимдан қўрқиб, ўлдирилишдан хавфсираб, Аллоҳга берган аҳдини бузган ҳолда уруш майдонидан қочишни ўзига раво кўрадиган мунофиқ ва имони заифларнинг нотўғри тасаввурини таҳқирлаб, бу масаладаги Исломнинг боқий қоидасини эълон қилмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб этиб, ўша мунофиқ ва имони заифларга агар ўлиш ёки ўлдирилишдан қочмоқчи бўлишса, бу нарсанинг асло фойда бермаслигини эслатишни буюрмоқда. Ўлимдан қочиб, қаерга ҳам бориш мумкин? Аллоҳ таолонинг тақдир қилганидан қаёққа ҳам қочиб бўлади? Ўлим ҳам Аллоҳнинг тақдири, Аллоҳдан ажал келмаса, пашша ҳам ўлмайди. Аллоҳдан ажал келса, подшоҳ ҳам яшаб қолмайди. Шундай бўлганидан кейин, уруш майдонини ташлаб, қаёққача бориш мумкин? Қочиш ҳеч қандай фойда бермайди. Урушда қолганнинг ажали тезлашиб, урушдан қочганнинг ажали ортга сурилмайди. Ривоят қилишларича, бир қўрқоқ киши бор эди, уруш пайтида доим лашкарнинг орқа тарафида беркиниб юрар, қилич-ўқдан қочишга ҳаракат қилар эди. Бир куни қарашса, ўша киши қўшиннинг энг олдинги сафида жанг қилаётган экан. Шунда бунинг сабабини сўрашибди. Бояги киши бундай жавоб қилибди: «Ўтган куни жанг пайти бир камон ўқи келиб олдимга тушди. Назаримда ўқ қимирлаётгандай туюлди. Эътибор бериб қарасам, ўқ тупроқ остида яшириниб ётган илонга келиб санчилган экан. Шундан хулоса қилдимки, қаёққа қочсам ҳам ажал етса, қутилиш йўқ, ўша жойда тутиб оларкан. Шунинг учун қўрқувни бир четга улоқтириб, жангда олдинги сафга ўтдим...».
17. «Агар У сизларга ёмонликни ирода қилса ёки сизларга раҳматни ирода қилса, сизларни Аллоҳдан тўсадиган ким бор?» деб айтинг. Улар ўзларига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, мададкор ҳам топа олмайдилар.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, мунофиқ ва имони заиф кимсаларга қарата шундай дейишни буюрмоқда: “Эй мунофиқлар, эй имони заифлар, агар Аллоҳ сизга ёмонликни ирода қилса, сизни Ундан тўсадиган ким бор?! Айтингчи, Аллоҳнинг иродасига қарши чиқа оладиган, сиздан Аллоҳ ирода қилган ёмонликни тўсиб қоладиган ким бор? Агар Аллоҳ сизга ўлимни ёки қатл этилишни ирода қилган бўлса, қочсангиз ҳам, қочмасангиз ҳам барибир ўласиз. Бу ўлимни сиздан ҳеч ким қайтара олмайди. Шунингдек, агар Аллоҳ сизга раҳматини - яхшиликни ирода қилган бўлса, уни сиздан ҳеч ким тўса олмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиб, сизга етаётган раҳматни тўсиб қўя оладиган бирор зот дунёда йўқ! Агар Аллоҳ сизга ҳаётни ирода қилган бўлса, ким ҳам сизни ўлдира оларди?! Сизлар Аллоҳдан ўзга бирор дўст ҳам, бирор ҳомий ва мададкор ҳам топа олмайсизлар!”.
18. Дарҳақиқат, Аллоҳ ораларингиздаги тўсқинлик қилувчиларни ҳам, ўз дўстларига «Биз томонга келинглар» деювчиларни ҳам билади. Улар жангга кам келишади;
Мунофиқлар ва имони заиф кимсалар Аллоҳ йўлидаги ғазот-жангларда жуда кам қатнашишади. Аммо уларга бу ҳам камлик қилгандай бошқаларни ҳам жангда қатнашишдан тўсмоқчи бўлишади, ўзларига ўхшаган иккиюзламачи ва имони суст кимсаларни ўз томонига чорлашни исташади. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчи Зотдир. У одамларнинг жиҳодига тўсқинлик қилувчи, уларнинг шаштини қайтарувчи ана шундай мунофиқларни ҳам, имони заифларни ҳам жуда яхши билади. Хандақ жангида ҳам Аллоҳ азза ва жалла уларнинг нима қилаётганларини кўриб, нима деяётганларини эшитиб турибди. Яъни, Аллоҳ уларнинг орасидаги ўзларига ўхшаган кофир ва мунофиқларга “Биз томонга ўтинглар” деб чорлаётганларни ҳам кўриб, «Муҳаммадга қўшилманглар» деяётганларни ҳам эшитиб турибди. Ваҳоланки, уларнинг ўзлари Аллоҳ йўлидаги жанг-ғазотларда жуда кам қатнашишади, келишса ҳам хўжакўрсинга бироз тургач, турли нарсаларни баҳона қилиб секин жуфтакни ростлаб қолишади.
19. сизларга бахилликлари сабабидан. Хавф-хатар келганида уларнинг ўлим талвасасидаги кишига ўхшаб, сизларга кўзлари ола-кула бўлиб қарашаётганини кўрасиз. Хавф кетганида эса яхшиликни қизғаниб, сизларга ўткир тиллар билан озор беришади. Ана шулар имон келтирмаганлардир, Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда қилди. Бу эса Аллоҳга осондир.
Ояти карима аввалидаги “аш-шиҳҳа” сўзи луғатда “бахиллик, пасткашлик” маъноларини билдиради. Ўша мунофиқ ва имони заифлар жанг майдонида қисқагина вақт орасида бўлишса ҳам мусулмонларга бахилликлари ошиб-тошиб кетади. Улар мусулмонларга нисбатан ҳамиша ёмонлик истаганлари учун сизларнинг фойдангизга вақтлари, кучлари, мол-пуллари ва бошқа нарсаларини сарфлашга бахиллик қилишди. Аллоҳ таоло айтяптики, эй Пайғамбарим, улар хавф-хатарни сезганлари заҳоти худди сиз жангга чорлаб, уларнинг ўлимига сабаб бўлаётгандек қарашларини кўрасиз. Уларнинг бу қарашлари «Бизни хавф-хатарга сен олиб келдинг, мана энди сенинг гапингга кириб ўлиб кетадиган бўлдик» деганларини билдиради. Жанглар тугаб, душман енгилиб, хавф-хатар нари кетганида уларнинг ўлжадан кўпроқ қўлга киритиш пайида очкўзлик қилиб, сизларга турли бўлмағур, озор берувчи гапларни айтишларини, ўткир тилларини ишга солишларини кўрасиз. Бу, уларнинг имон келтирмагани исботидир. Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб: «Биров ўлжа учун жанг қилади, биров оғизга тушиш учун жанг қилади, яна биров (шижоатдаги) мартабаси кўриниши учун жанг қилади. Шундан қай бири Аллоҳнинг йўлида?» деди. У зот: «Ким Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун жанг қилса, ўша Аллоҳнинг йўлидадир», дедилар» (Бухорий ривояти).
Ана шу имонсизлар мўмин-мусулмонларга қўшилиб, сафарбарликка чиқадиган, одамларнинг жиҳодга бўлган шаштини пасайтирадиган, ўз биродарларига “биз томонга келинглар” дейдиган, урушда кам қатнашадиган, мусулмонларга бахиллик қиладиган, хавф келганда мусулмонларнинг раҳбарига худди «Ўлимимга сен сабабчисан» дегандек назар соладиган, хавф кетганда ўлжа талашиб уришадиганлар, имон келтирмаган одамлардир. Улар зоҳиран ўзларини мўмин-мусулмон қилиб кўрсатишса ҳам, аслида имон келтирмаганлардир. Аллоҳ имонсиз ҳеч бир амални қабул қилмаслиги туфайли уларнинг амалларини ҳабата (бефойда, кераксиз) қилди. Бу эса Аллоҳга жуда осондир.
20. Улар фирқаларни кетмаган деб ҳисоблашади. Агар фирқалар яна келса, улар кўчманчи бадавийлар ичида бўлишни, сизларнинг хабарингизни сўраб туришни исташади. Орангизда бўлишганида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлишар эди.
Ислом душманларининг турли ҳизблари, яъни гуруҳ ва фирқалари Мадинага бостириб келганида ўша мунофиқ ва имони заифлар шунчалик қўрқиб кетишган эдики, ҳатто уруш тугаб, аҳзоблар шарманда бўлиб ортига қайтиб кетса ҳам ўша фирқаларни кетмаган деб ўйлаб юришади. Чунки кофир гуруҳларнинг мусулмонларга ҳеч бир зарар етказа олмай, ортига қайтиб кетганлари уларнинг тасаввурига сиғмайди, ақллари бовар қилмайди. Улар бу борада шунчалик тубанлашиб кетишганки, мабодо кофирларнинг турли фирқалари тўпланиб яна бир бор қайта бостириб келиб қолса, Мадинани ташлаб, чўлга қочиб бориб, ўша ердаги саҳройиларга - (аъробийларга) қўшилиб олишни ва ўша ердан туриб, мусулмонларга нима бўлганини сўраб туришни орзу қилишади. Бордию саҳрога -аъробийлар ичига қочиб кетишмаган тақдирда ҳам Мадинада қолиб, мусулмонлар ичида қолишса ҳам жангга чиқмаган, чиқишган тақдирда ҳам жангдан қочиб келган бўлишарди. Мунофиқ ва имони сустларнинг асл қиёфалари ана шундай! Шунинг учун мусулмонлар уларнинг қилмишидан таъсирланмасинлар, қилмишларига эътибор бермасинлар. Сизлар учун эътибор беришга лойиқ, ўрнак олишга муносиб бир инсон борки, у охирзамон пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломдирлар.
21. (Эй имон келтирганлар), сизлар учун - Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир.
Ҳар бир мўмин-мусулмон учун ахлоқда гўзал бир намуна, ибрат манбаи мавжуд бўлиб, бу уларнинг севикли Пайғамбарлари - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зот ҳар соҳада, ҳар сўзда, ҳар ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Сиз албатта гўзал хулқ узрадирсиз” деб марҳамат этган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам “Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдим”, деганлар. Демак, имон келтириб, Аллоҳдан ва охират кунидан умид қилувчи, Аллоҳни кўп эслаб-зикр қилувчилар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир. У зотнинг ҳаракату-саканотлари, қўллари, тиллари ва барча аъзолари тўлалигича бизларга намунадир. Биргина у зот алайҳиссаломнинг оилада ўзларини қандай тутганлари ҳар бир мўмин киши учун яхшигина оилавий ҳаёт сабоғи бўла олади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг уйида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бири (яъни, у зотнинг аёлларидан бири) товоқда таом юбордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг уйида бўлган аёллари хизматкорнинг қўлига урган эди, товоқ ерга тушиб, бўлиниб кетди. Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам товоқнинг бўлакларини бирлаштириб, тўкилган таомни унга солдилар ва: “Оналарингиз рашк қилди”, дедилар. Сўнг хизматкорни тўхтатиб туриб, у зот унинг уйида бўлган аёлларидан бутун товоқ олиб, идиши синдирилган аёлларига бериб юбордилар. Синган товоқни эса синдирган аёлнинг уйида олиб қолдилар (Бухорий ривояти). Бу воқеа Оиша розияллоҳу анҳонинг уйларида бўлган эди. Оиша онамиз Сафия розияллоҳу анҳо ҳақида: “Сафиядан кўра ширин таом тайёрлайдиган аёлни кўрмаганман”, деганлар. Бир куни пайғамбар алайҳиссалом Оиша онамизнинг уйларида саҳобалар билан бирга эдилар. Ҳазрати Сафия бир идишда таом юбордилар. Ҳазрати Оиша идишни олиб синдирдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум билан саҳобаларга: “Оналарингиз рашк қилди”, дедилар. Сўнгра Оиша онамизнинг бутун идишларидан бирини олиб, София онамизга юбордилар ва “Таомга таом, идишга идиш”, дедилар. Шу билан муаммо барҳам топиб, табассум билан ҳал бўлди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб урушида ҳам одатдагидек энг гўзал мардлик, қатъият ва шижоат намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмай Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Душманга қарши нима чора кўриш кераклиги ҳақида саҳобалар билан маслаҳатлашдилар. Салмони Форсий розияллоҳу анхунинг фикрларини қабул этиб, хандақ қазишни бошладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар. Ким тушкунликка тушса, қўрқса, иккиланса, умидсизланса, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламни кўриши билан дарҳол бу туйғуларидан фориғ бўлар эди. Хандақ қазиш ишларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммага ўрнак бўлиб, баравар ишладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ер қазир, тупроқ ташир ва замбил кўтарар эдилар. Оғир меҳнат енгиллашиши учун жўр бўлиб шеър ўқиган саҳобаи киромларга ўзларининг муборак овозлари билан қўшилар эдилар. Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоху анҳу ёш бў-лишига қарамай, тупроқ ташир эди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам уни кўриб, «Қандай ҳам яхши бола экан-а?» деб эркалатдилар. Зайд ибн Собит иш давомида чарчаб, хандақда ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Ҳазм унинг қуролини олиб қўйди. Зайд уйғонгач, куроли йўқлигини кўриб, қўрқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, уйқучи, ухлаб ётганингда қуролинг кетиб қолибдими?” деб ҳазил қилдилар. Сўнгра: “Бу боланинг қуролини ким билади?” деб сўрадилар. Аммора: “Эй Аллоҳнинг Расули, у менда”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга қуролини қайтар”, дедилар-да, кейин мусулмон кишининг бирор нарсасини ўзига билдирмай олиб қўйиб қўрқитишдан қайтардилар.
Салмони Форсий розияллоҳу анҳу хандақ қазиётганида олдидан катта харсангтош чиқиб қолди. У қанча уринса ҳам харсангни синдира олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, унинг қўлидан чўқморни олдилар. Харсангни куч билан урган эдилар, ўт чақнаб кетди. Яна бир урган эдилар, яна ўт чақнади. Учинчи марта урган эдилар, учинчи марта ҳам ўт чақнади. Шунда Салмони Форсий розияллоҳу анху: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули, мен кўрган нарса нима ўзи? Зарба берганингизда ўт чиқди?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ўшани ростдан кўрдингми, эй Салмон?” деб сўрадилар. Салмон розияллоҳу анҳу: “Ҳа”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биринчиси билан Аллоҳ таоло менга Яманни фатҳ қилди. Иккинчиси билан Аллоҳ менга Шомни фатҳ қилди. Учинчиси билан Аллоҳ менга Мағрибни фатҳ қилди”, дедилар. Бу хабар яшин тезлигида мусулмонлар ичида тарқалди. Уларнинг руҳлари юксалди, ғалабага бўлган ишончлари мислсиз даражада ортди. Ислом олимларидан бирининг ёзишича, «Асҳоби майдалай олмаган тошни парчалаганларидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам биринчи уришларида Қайсарнинг (Византия) саройини, иккинчи уришларида Қисронинг (Эрон) саройини, учинчи уришларида Санъони (Яман) кўрганларини ва бу мамлакатларнинг бари келгусида Ислом ҳокимиятига киражаги у зотга муждаланганини айтган эдилар. Бу ғайри-табиий бир ҳодиса эди. Мадинани тамоман тор-мор этиш, Исломни йўқ қилиш учун йигирма тўрт минг қуролли қўшин келаётибди, улар бутун Арабистон мусулмонларнинг қонига ташна, аммо бу қоп-қора фалокат булутлари аро Расули акрамнинг кўзлари Исломнинг порлоқ истиқболини кўриб турар эди. Бу ҳолат инсон ақли бовар қилмас бир ҳолат эмасми?! Мусулмонларнинг қатъий ҳалокат палласига дуч келиб турилган бир пайтда истиқболнинг бу сирларини мутлоқ ҳоким бўлган Аллоҳдан бошқа яна ким ваҳий эта олади?!» Шу тариқа Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Хандақ ғазотида мўминларга чинакам ибрат намунасини кўрсатдилар. Айни пайтда у зот алай-ҳиссалом тинмай Аллоҳ таолога ёлворар, намоз ўқиб, муножот қилар, оламлар Парвардигорининг Ўзидан зафар-нусрат сўрар эдилар. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси мусулмонлар учун гўзал ўрнакдир. Шунинг учун ҳам ўзларидан кўра сон ва қурол жиҳатидан ғоятда устун бўлган фирқаларни кўрган мўминлар заррача қўрқмадилар, ғалабаларига қатъий ишонч билан боқдилар.
22. Мўминлар фирқаларни кўрганларида: «Бу Аллоҳ ва Унинг Расули бизларга ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзлайди», дейишди. Бу уларнинг имон ва итоатларини янада зиёда қилди.
Аҳзоб уруши мусулмонларнинг мушрик ва кофирларларнинг улкан қўшинига қарши сабот билан, мардона тура олган муҳорабаси сифатида Ислом тарихидан жой олган. Қурайш қўшини Абу Суфён бошчилигида Маккадан чиқди, йўлда иттифоқчилари билан бирлашди. Бу юриш мушрикларнинг Мадинага қарши сўнгги босқинчилик ҳамласи бўлди. Маккалик қурайшийлар Мадинанинг ғарб томонига, Нажд бадавийлари ва бошқа қабилалар шарқ томонига (Уҳуд тоғи ўртасига) келиб жойлашишди. Улар бир ҳамладаёқ Мадинани забт этиб, мусулмонларни тор-мор қилишни кўзлашган эди. Аммо Мадина остонасида хаёлларига ҳам келмаган бир хандаққа дуч келиб, шошиб қолдилар. Ўнгга, сўлга изғишга тушишди, хандақдан ўта оладиган бир йўл қидиришди. Тополмагач, Ислом лашкарлари рўпарасида саф тортиб, ҳандақнинг бу томонида туриб, Мадинани ўраб олишга мажбур бўлишди. Ўқ, тош отиб, жангга киришишди. Ўн минг («Фатҳул Борий» асарида ёзилишича, йигирма тўрт минг) кишилик иттифоқчилар қўшини қаршисидаги мусулмон аскарларининг сони уч мингдан ошмас эди. Қўшинда фақатгина ўттиз олти отлиқ бор эди. Шаҳарни мудофаа қилаётган бу аскарларнинг орасида Сел тоғи, олд томонларида эса, ҳандақ бор эди. Сел тоғининг этаги қароргоҳ бўлди. Расули Акрамнинг чодирлари шу жойга қурилди. Хандақ мусулмонлар аскарлари билан душман қўшини ўртасида узун қилиб қазилган эди. Муҳожирларнинг байроғини Зайд ибн Ҳориса, ансорларнинг байроғини эса, Саъд ибн Убода тутган эди.
Қиш мавсуми бўлгани учун совуқ жуда шиддатли эди. Мушрикларнинг қўшини осонгина зафар қозонишни кўзлаб, шоша-пиша келган, Ухуд жангида бўлгани каби бир кун ичида ишни битириб қайтишни ўйлаган эди. Ҳолбуки, бу гал ғалабага эришиш осон эмаслиги маълум бўлиб қолди. Ўзларидан бир неча баравар кўп лашкар қаршисига чиққан оз сонли мусулмонларнинг аҳволи ҳам яхши эмас эди. Уларга қўшимча мадад келиши мумкин ҳам эмас, чунки ер юзида улардан бошқа мусулмон йўқ эди. Мушрик ва кофирлар фирқаларининг эса сон-саноғига етиб бўлмас эди. Биргина қурайшликлар лашкари ўн минг кишидан иборат эди. Бунинг устига, турли қабилаларни жамлаган ғатафонликлар, Бани Қурайза яҳудийлари ва бошқалар бор эди. Уларга яна қўшимча мадад кучлари келиши мумкин эди. Чунки ўша пайтда дунё кофир ва мушрикка тўлиб кетган эди. Биров ана шу фирқаларга ёрдамга келгудай бўлса, йўлини тўсадиган одам ҳам йўқ эди. Мана шундай таҳликали пайтда кичик бир манзил атрофига хандақ қазиб олиб, қамалда қолган кишилар ким бўлишидан қатъи назар, устларига бостириб келган сон-саноқсиз фирқаларни кўрганларида даҳшатга тушишлари турган гап эди. Хусусан, камон, қилич, найза ва тош билан уруш олиб бориладиган ўша пайтда ҳар бир жангчи катта куч ҳисобланарди. Инсонларнинг ўлчовга кўра, кимнинг сони кўп бўлса, ўша ғолиб келиши керак эди. Аммо Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтирган мўмин-мусулмонлар бу ўлчовлардан устун бўлишди. Мўминлар фирқаларни кўрганларида: «Бу Аллоҳ ва Унинг Расули бизларга ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзлайди», дейишди. Бу эса, уларнинг имон ва итоатларини янада зиёда қилди. Чунки бу таълимни уларга Аллоҳ таоло ва Унинг Расули - охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом берган эди: «Мўминларнинг иши ўз-ўзидан юришиб кетавермаслигини, балки улар турли синов ва имтиҳонлар бўлишини, кофир ва мушриклар мусулмонларга қарши чиқишини ва уларга душманлик қилишини ва улар билан курашда мусулмонларнинг чиқишини улар илоҳий мужда сифатида эшитишган эди. Аллоҳ таоло ҳам, Унинг Расули ҳам рост айтади, мана, мусулмонлар ўз кўзлари билан кўриб турганларидек, кофирларнинг фирқалари уларнинг устига бостириб келиб турибди. Аммо бу хавф-хатарли босқин уларни тушкунликка, кўрқув ва хавотирга солгани йўқ, аксинча қалбларидаги Аллоҳга имонни кучайтирди, Унга таслим бўлишларини қатъиятлаштирди.
23. Мўминлар орасида Аллоҳга берган аҳдларига содиқ кишилар бор. Уларнинг аҳдига вафо қилганлари ҳам, мунтазир бўлиб турганлари ҳам борки, улар ўзгартирганлари йўқ.
Аммо мўминларнинг самимий имонлари бу даҳшатли имтиҳонлар қаршисида заифланмади, чунки Ҳақ таоло мўминларни олдиндан муждалаган эди. Мадина ҳимояси бутун шиддатлари билан бир ой давом этди. Бу муддат ичида бир неча бор Расули акрам алайҳиссалом ва саҳобалари ҳатто уч кунлаб оч қолишди. Ноиложлиқцан қоринларига тош боғлаб юришди, Пайғамбаримиз ҳам ўзларига икки тош боғлаб олган эдилар. Аммо душман хандақдан ўтолмади. Мушрикларнинг Абу Суфён, Холид ибн Валид, Амр ибн Ос, Дирор, Жубайра каби раислари қўшинларига навбати билан бир кундан қўмондонлик қилишар, Мадинага ёппасига ҳужум уюштириши учун тайёргарлик кўришар эди. Аммо жасоратли мусулмон жангчилари уларнинг ҳар бир ҳужумини даф қилишда мислсиз қаҳрамонлик ва шижоат кўрсатарди. Булар орасида Амр ибн Абдуввуд каби жасурларининг бир ўзи мингта душман аскарига баробар саналарди. Амрнинг шуҳрати бутун Арабистонга ёйилган эди. У Бадр ғазотида иштирок этиб яраланган, бунинг ўчини олмагунча сочларига хушбўйлик суртмасликка қасам ичганди. Ҳолбуки, Амр тўқсонга кирган бир қария эди. Аҳзоб жангининг энг оғир пайтларида сабр қила олмаган мунофиқлар ва имони заифлардан фарқли ўлароқ, мўминлар орасида Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ кишилар ҳам кўп эди. Мусулмонлар ичидан бу кишига ўхшаб, жонини фидо этганлар жуда кўп чиқди. Уларнинг фидоийликлари Исломга, мусулмонларга шону шуҳрат келтирди ва келтирмоқда. Улар ичида аҳдига вафо қилувчилар ҳам кўп бўлди. Бундайлардан бир нечаси худди Анас ибн Назр розияллоҳу анҳуга ўхшаб шаҳиди аъло бўлиш орзусига эришди, ўзи кўзлаган олий мақомга етишди. Ажаллари етмаганлардан бир қанчаси эса ана шундай мақомни қўлга киритишни интизор бўлиб кутиб туришди. Улар Аллоҳга берган аҳду паймонларини дунёнинг ҳеч бир нарсасига алмаштиришни ўйлашмасди ҳам. Улар мунофиқ ва имони заифлар каби қўрқоқлик ҳам қилишмайди.
Ҳадислардан бирида шундай ривоят қилинади: «Ушбу оятда назарда тутилган кишилардан бири Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу Бадр урушида қатнашмай қолган эди. Бу унга жуда оғир ботди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган биринчи урушда бўлмадимми?!» деб афсусланиб юрарди. Шу билан бирга, «Агар Аллоҳ таоло кейинчалик менга бирор урушни кўрсатса, менинг нима қилишимни Аллоҳнинг Ўзи кўради», дер эди. Уҳуд уруши куни Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан урушга чиқди. У йўлда кетаётиб, Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуни учратди ва унга: «Эй Абу Амр! Оҳ, оҳ! Жаннатнинг ҳиди қаёқдан келмоқда?! Мен унинг Уҳуд томондан келаётганини сезяпман!» деди. Урушга кириб, шаҳид бўлгунича жанг қилди. Унинг жасадидан саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқининг изларини топишди. Унинг синглиси Рубаййиъ бинти Назр: «Акамни фақат бармоғидан таниб олдим, холос», деган эди” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).
Айрим муфассирларнинг ёзишича, ушбу оят Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоху анҳу ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Уҳуд жангига чиқиб, қўлидан жароҳатланди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ, Талҳа учун жаннатни вожиб қилгин”, дедилар. Заҳҳок Наззол ибн Сабродан шундай ривоят қилади: “У Алидан “Талҳа ҳақида хабар беринг-чи?” деб сўради. Али: “У Аллоҳ таоло Ўз китобида унинг ҳақида оят нозил қилган кишидир. Талҳа ўз насибасини олганлардандир, келажакда қилган ишларида унга ҳисоб йўқдир”, деди. Исо ибн Талҳадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан Талҳа ўтиб қолди, шунда у киши: “Бу ўз насибасини олганлардандир”, дедилар. Мунофиқларнинг Аллоҳга берган аҳдларига хиёнат этишларида ҳам, мўминларнинг Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилишларида ҳам ҳикмат бордир.
24. Аллоҳ содиқларни садоқатлари учун мукофотлаши ва агар хоҳласа мунофиқларни азоблаши ёки тавбаларини қабул қилиши учундир. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Аллоҳ таоло дунё ҳаётида мўмин-мусулмонларни ҳамиша имтиҳон қилади, улар бошига турли машаққат-қийинчиликларни солади, дин душманлари фитнасига рўбарў қилади, урушларга киришга мажбур қилади. Бу уларни синаш, имонларининг қатъийлигини имтиҳондан ўтказиш учундир. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримаси орқали мусулмонлар бошига ҳар бир замонда Аҳзоб урушига ўхшаш қийин ҳолатларни солиб туришини баён қилиб бермоқда. Мана шундай оғир вазиятларда имонига содиқ бўлган мўминлар Аллоҳга, Унинг Расулига ўз садоқатларини кўрсатадилар ва Аллоҳ таоло уларни ана шу садоқатларига яраша мукофотлайди. Шунингдек, бундай оғир синов пайтларида мунофиқларнинг мунофиқлиги ҳам ошкор бўлади. Улар иккиюзламачиликлари туфайли энг оғир пайтларда мусулмонларга панд беришади, диндошларига хиёнат қилишади. Аммо Аллоҳ таоло агар хоҳласа, уларнинг тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларини кечиради, хоҳласа, жазоларини беради. Зотан, Парвардигорингиз Аллоҳ азза ва жалла кечирувчидир, бандаларига раҳмлидир.
25. Аллоҳ куфр келтирганларни дарғазаб ҳолларида қайтарди, улар бирор яхшиликка эришмадилар. Мўминларга урушда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилди. Аллоҳ кучлидир, азиздир.
Мадинаи мунавварани босиб олиш, мусулмонларни асирга олиб-хорлаш ва ҳақ динни йўқ қилиш ниятида бостириб келган кофирларни Аллоҳ таоло мағлуб қилди, Аллоҳнинг Ўзи Аҳзоб урушида мўминларга кифоя қилди, нусрат ато қилди ва ғолиб чиқишларида ёрдам берди. Кофир ва мушрик фирқалар қалблари мусулмонларга нафрат ва қаҳр-ғазабга тўлган ҳолда, уларни батамом қириб ташлаш мақсадида гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бостириб борган эдилар. Аммо улар ёвуз ниятига эришолмади, мусулмонларга ҳеч бир ёмонлик етказа олмади. Қайтага, орзу қилган нарсаларига эриша олмай, ўзлари оғир аҳволда қолиб, қалблари ғазаб ва аламга тўлган ҳолларида афсусланиб ортларига қайтиб кетишга мажбур бўлишди. Аллоҳ таоло мўминларни овора бўлиб урушга киришларини истамади, балки дин душманларига устига қаҳратон қиш совуғини, изғирин шамолини, жанг қиладиган фаришталарини юбориб, уларни қийноқ-машаққатларга солди. Улар бу машаққатларга дош беролмай, жанг майдонини ташлаб қочишга мажбур бўлишди. Улар дунё ҳаётида ҳам ҳеч бир яхшиликка эриша олишмади, охиратда ҳам уларнинг аҳволи ўта ночор ва аянчли бўлади. Аллоҳ азза ва жалла ҳар қандай фирқаларнинг куч-қудратидан ҳам, макр-фитналаридан ҳам олий бўлган ўта қудратли Зотдир.
26. У аҳли китоблардан уларга ёрдам берганларини ўз қалъаларидан туширди ва қалбларига қўрқинч солди. Бир гуруҳини ўлдирасизлар ва бир гуруҳини асир оласизлар.
Аҳзоб урушида Бани Қурайза қабиласи мусулмонларга қарши жангларда кофирларга ёрдам кўрсатиб, уларга иттифоқчи бўлди. Аҳзоб урушини қўзғаганлар ҳам ана шу қабиланинг Ҳайй ибн Аҳтоб бошчилигидаги яҳудийлари эди. Мусулмонлар энг оғир ҳолатда туришган пайтда Бани Қурайза яҳудийларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдларини бузиб, душман томонга ўтиб олишлари мушрикларнинг ҳужумидан ҳам хавфли ва зарарли эди. Шунинг учун бу совуқ хабарни эшитишлари билан Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам қаттиқ ташвишга тушдилар. Чунки яхудийлар шаҳар ичида мусулмонлар билан бирга яшашар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам араблардан Авс қабиласининг бошлиғи Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуни, Хазраж қабиласи бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Равоҳа ва Хавват ибн Жубайр розияллоҳу анҳумони юбордилар. Уларга: «Бориб, қаранглар-чи, анави қавм ҳақида бизга етган хабар ростми ёки йўқми? Агар рост бўлса, менга бир ишора қилиб қўйинглар, одамларнинг ҳафсаласини пир қилманглар. Агар биз билан ўзлари орасидаги аҳдга вафо қилиб турган бўлишса, одамларнинг ичида баралла айтинглар», дедилар.
Улар Бани Қурайза қабиласининг олдига бориб, ўзлари эшитган гаплардан ҳам ёмонроғига дуч келишди. Яхудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига бўҳтон гаплар айтишарди: «Расулуллоҳ ким бўлибди? Биз билан Муҳаммад ўртасида аҳд ҳам йўқ, паймон ҳам йўқ», дейишар эди. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу тоқат қила олмай, улар билан сўкишиб кетди. Саъд ибн Убода розияллоҳу анху: «Улар билан сўкишишни қўй. Орага сўкишишдан каттароқ нарса тушди», деди. Қайтиб бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора билан ҳолатнинг қандай эканини етказдилар. Шундай қилиб, вазият яна ҳам жиддийлашиб кетди. Хавф-хатар янада кучайди. Мусулмонлар икки ўт орасида қолишди. Бундай нозик пайтда мунофиқлар ҳам бош кўтариб қолишди. Аммо ана шундай таҳликали бир пайтда Аллоҳ таоло Пайғамбарини ва мўмин бандаларини қўллаб-қувватлади, уларга зафарни ёр этди. Кофир фирқалар ноумид бўлиб, келган томонларига жўнаб қолишди. Улар бор имкониятларини ишга солиб, бутун арабларни бошлаб келишса ҳам, қўлларидан ҳеч нарса келмади, улар Расулуллоҳга ва мусулмонларга зарар етказа олмасликларига ишониб, умидларини узган ҳолда ортларига қайтишди.
Аллоҳ таолонинг ёрдами билан душманларини даф қилган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар эса Мадинага ғалаба билан қайтишди. Одамлар қуролларини қўйиб, ҳордиқ чиқаришга киришишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Умму Салама розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида ғазотдаги чанг-чунглардан покланиш учун ғусл қилаётган эдилар. Ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Қуролни қўйдингми, эй Аллоҳнинг Расули?” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар Расулуллоҳ. Жаброил алайҳиссалом: “Лекин фаришталар қуролларини қўйганлари йўқ, ҳозир душманни қувишдан қайтаётган пайтим”, деди. Сўнгра: “Аллоҳ таборака ва таоло Бани Қурайза томон юришингни буюради”, деб қўшимча қилди. Бани Қурайза Мадинадан бир неча масофа четроқда яшарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб одамларга: “Ҳамма асрни Бани Қурайзанинг еридан бошқа жойда ўқимасин”, дедилар. Одамлар йўлга тушишди. Улар йўлда кетишаётганда намоз вақти бўлди. Баъзилар “Пайғамбаримиз ҳалиги гапни тез юришни кўзлаб айтдилар” деб, намозни ўқиб олишди, қолганлар эса, “Бани Қурайзада ўқиймиз” деб, ўқишмади. Аммо бунда биров бошқасини айбламади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни ноиб қилиб қолдирдилар. Байроқни Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бериб, йўлга тушдилар. Бани Қурайзанинг қўрғонларига етиб боргач, хитоб қилдилар: “Эй Аллоҳнинг душманлари! Аллоҳ сизларни хор қилиб, устингизга ғазабини туширдими?!” “Эй Абул Қосим! Жоҳил бўлмаганмисан?!” дейишди Бани қурайзаликлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкарлари билан бориб, Бани Қурайзанинг қудуқларидан бири атрофига жойлашдилар. Қабила одамлари қўрғонларининг ичига беркиниб олиб, урушга чиқмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қамал қилдилар. Қамал йигирма беш кун давом этди. Бани қурайзаликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишда жиддий турганларини, уларни ўз ҳолларига ташлаб кетмасликларини англаб етиб, ўзаро маслаҳат қила бошлашди. Уларнинг ичида аҳдлашган бошқа қабила вакили - Каъб ибн Асад исмли киши ҳам бор эди. Ўша Каъб ибн Асад уларга масалани ҳал қилишнинг уч йўлини таклиф этди: Биринчиси - мусулмон бўлиш. Бани Қурайза бу таклифни қабул қилмади; иккинчиси - уруш қилиш. Бани Қурайза бу таклифни ҳам рад этди; Учинчиси - шанба куни тўсатдан ҳужум қилиш, эҳтимол Муҳаммад ва унинг шериклари буни кутишмас. Бани Қурайза бу такпифга ҳам кўнмади. Охири таслим бўлишга келишишди. Лекин бунинг оқибати нима бўлишини ҳеч ким билмас эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам йўллаб, «Абу Лубоба бизнинг олдимизга келсин», дейишди. Абу Лубоба розияллоҳу анҳу уларнинг олдига борганида, эркаклар, аёллар ва болалар уни ўраб олиб, дод-вой қилганча арз эта бошлашди. Абу Лубобанинг раҳми келди. Улар: “Сенингча, Муҳаммаднинг ҳукмига ўзимизни топширсак, маъқулми?” дейишган эди, у киши: “Ҳа”, деди-да, қўлини томоғи тагидан ўтказиб, «Ҳамманг сўйиласан» дегандай ишора қилди. Лекин шу лаҳзадаёқ “Расулуллоҳга хиёнат қилдимми” деб афсусланди. Сўнг бирдан ўзини тутиб, тўғри масжидга кирди ва ўзини масжид устунларидан бирига боғлаб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кечирмагунларича шу ҳолда туравераман», деди. Бани қурайзаликлар ўзларини Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг ҳукмига топширишга қарор қилдилар. Саъд ибн Муъоз ва у киши мансуб бўлган Авс қабиласи Бани қурайзаликлар билан аҳдлашишган эди. Улар “Абдуллоҳ ибн Убай Бани Қайнуқоъга яхшилик қилиб, уларни бўшаттириб юборганидек, Саъд ҳам бизга яхши муомалада бўлади”, деб ўйлашди. Аммо улар Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг Аҳзоб урушида билагидаги шоҳтомирига камон ўқи тегиб, ярадор ҳолда ётганини билишмас эди. Ярадор ҳолда ётган Саъд розияллоху анҳу: «Аллоҳим, агар яна Қурайш билан бирор урушни қолдирган бўлсанг, мени ҳам ўша уруш учун қолдиргин. Агар биз билан уларнинг орасида урушни тўхтатган бўлсанг, ярамни ёриб юбор. Бани Қурайзадан кўзим қувонмагунча мени ўлдирмагин», деб дуо қилган эди. Аллоҳ таоло унинг дуоларини қабул этди. Бани қурайзаликлар ўз ихтиёрлари билан жонларини унинг хукмига топширдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муьоз розияллоҳу анҳуни Мадинадан олиб келишни буюрдилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуни эшакка миндириб олиб келишди. У киши яқинлашишлари билан Авс қабиласининг одамлари ўраб олиб: “Эй Саъд, улар дўстларинг. Уларга яхшилик қил”, дея бошлашди. Улар Саъднинг Бани қурайзаликларга раҳмини келтириш учун шундай гапларни айтишарди. У бўлса индамай келар эди. Охири келиб: “Дарҳақиқат, Саъдга Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломати кор қилмайдиган вақт етди”, деди. Одамлар «Ҳа, энди уларни соғ қўймас экан» деган фикрга келишди. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чодирларига яқинлашганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга: «Улуғларингизни туриб, кутиб олинглар», дедилар. Мусулмонлар ўринларидан туриб, Саъд розияллоҳу анхуни уловдан туширишди. У киши ўтирганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Қурайзага ишора қилиб: “Анавилар ўзларини сенинг ҳукмингга топширишди. Улар ҳақида хоҳлаган ҳукмингни қил”, дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: “Уларга менинг ҳукмим ўтадими?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: “Ушбу чодирдагиларга ҳамми?” деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар. Сўнгра Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан юзини бошқа томонга ўгира туриб, у зотни улуғлаган, эъзозлаган ҳолда у зот томонга ишора қилиб: “Анави ердаги зотга ҳамми?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар. Саъд ибн Муъоз розияллоху анҳу: “Мен ҳукм қиламанки, уларнингуруш қиладиганлари қатл этилсин! Зурриётлари асир олинсин! Мол-мулклари ўлжа қилинсин!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Батаҳқиқ, Аллоҳ таолонинг етти осмонусти-да туриб, чиқарган хукмини қилдинг”, дедилар. Бу қаттиқ, аммо ўта адолатли ҳукм эди. Бу ҳозиргача Бани Қурайзага ишониб, у билан тузилган аҳдномага қатъий амал қилиб келган ва қабила томонидан хиёнатни кўриб, қатъият кўрсатган мусулмон кишининг ҳукми эди. Шу тариқа Аллоҳ мушрик фирқаларга ёрдам берган, Таврот аҳлидан бўлган Бани қурайзаликларни қамалдан сўнг қўрғонларидан туширди. Уларнинг қалбларига қаттиқ қўрқинч солиб қўйгани учун улар мусулмонларга қарши қайта уруш қилишга ботина олишмади. Аллоҳ таоло ғолиб мусулмонларга уларнинг урушга ярайдиган эркакларини ўлдиришни, аёллар ва болаларни асир олишни амр этди.
27. Ва уларнинг ерини, ҳовли-жойларини, мол-мулкларини ва қадамингиз етмаган ерларни сизларга мерос қилиб берди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
Аллоҳ таоло Аҳзоб урушида ғолибликни қўлга киритган мусулмонларга Бани Қурайзанинг ерларини, ҳовли-жойларини, мол-мулкларини ўлжа қилиб берди. Ояти каримадаги “қадамингиз етмаган ерларни” деган жумла “уруш қилиб бормаган ерларингизни” деган маънони билдиради. Бундан Бани Қурайзанинг бошқа жойда ҳам ерлари борлиги ва ўша ерлар ҳам мусулмонларнинг ихтиёрига ўтгани тушунилади. Баъзи уламоларимиз: «Бу ер Хайбар номли жой», деган бўлишса, бошқалари: «Келажакда мусулмонлар қўлига ўтажак ҳамма ерлар», дейишган.
Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир бўлгани учун бу ишларни ҳеч бир қийинчиликсиз, машаққатсиз амалга оширди. Аҳзоб урушини мусулмонлар ҳам, уларнинг раҳбари Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам ҳам хоҳлашмаган, аммо у бошқа ғазотларда енгилиб, алами ичида қолиб кетган кофир фирқалар томонидан содир этилган эди. Мусулмонлар тинчгина ҳаёт кечириб, ўз жамиятларини қураётган, ҳар томонлама мустаҳкамлаётган эдилар. Уларнинг тинч ҳаёт жараёнида эришаётган муваффақиятлари кофир ва мушрикларнинг ичини ёндириб, ҳасадларини қўзғаб юборди. Улар мусулмонларни таг-томири билан қириб ташлаш мақсадида турли фирқаларни тўплаб, бостириб келган эди. Аллоҳ бу урушда ғалабани мусулмонларга берди. Уруш тугаши билан мусулмонлар яна тинч ҳаёт қуришга киришишди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам мусулмон шахсни, мусулмон жамиятни, мусулмон давлатни барпо этишда яна Аллоҳнинг таълимотларини ҳаётга татбиқ этишни бошладилар. Уларни жоҳилият иллатларидан поклашни давом эттирдилар. Шунинг учун ҳам Аҳзоб уруши ҳақидаги оятлардан сўнг бевосита мазкур масалаларга боғлиқ оятлар келади. Қуйидаги ояти карималар Набий соллаллоху алайҳи васалламнинг аёлларига тегишли бўлиб, бу покиза, муслима, муниса аёллар, мўминларнинг оналаридан нималар талаб этилиши ҳақида сўз боради:
28. Эй Пайғамбар, хотинларингизга айтинг: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатларини истайдиган бўлсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиб қўяй;
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, у зотнинг покиза завжаларига шундай дейишларини буюряпти: “Эй Пайғамбарим, хотинларингизга айтинг: “Агар улар бу дунёдаги ҳаётни ва унинг зийнатларини истайдиган бўлишса, сизларни дунё матоҳлари билан баҳралантирай ва чиройли бўшатиб қўяй, яъни талоқларингизни берай!”. Пайғамбар алайҳис-саломнинг покиза хотинлари кўришдики, Ислом кун сайин равнақ топиб, мусулмонлар анча хотиржам ва ором топиб қолишди, рўзғорларига барака қирди. Шунда улар маслаҳатлашиб, “Бизлар ҳам Расулуллоҳга арзимизни айтсак, нафақаларимизни кўпайтиришни илтимос қилсак”, деб режа тузишди. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маълум бўлганидан кейин у зот бир ойгача уйларига кирмасликка қасам ичиб, масжидга яқин бир болохонада ўзлари танҳо яшаб турдилар. Шундан кейин воқеани Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо эшитгач, Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжалари бўлган қизлари Оиша ва Ҳафсадан хафа бўлиб, уларга танбеҳ беришди. Сўнгра Набий алай-ҳиссаломнинг ҳузурларига бориб, у зотнинг муборак қалбларини ёзиб, хурсанд қилишди. Шу воқеадан бир ой ўтиб, ушбу икки оят нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни энг олдин Оиша розияллоҳу анҳуга эшиттирдилар, ҳазрати Оиша Аллоҳ ва Унинг Расулининг ушбу амрларини чин дилдан қабул қилди, кейин Пайғамбаримиз буни мўминларнинг бошқа оналарига ҳам эшиттирдилар.
29. агар Аллоҳни ва Унинг Расулини, охират диёрини истайдиган бўлсангиз, унда Аллоҳ сизларнинг яхшилик қилувчилрингизга улуғ мукофотни тайёрлаб қўйган».
Юқоридаги икки ояти кариманинг нозил қилинишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у кишининг покиза аёллари орасида ўтган қуйидаги ҳодиса сабаб бўлган. Аҳмад ибн Ҳанбал бу ҳақда Жобир розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун келганларида одамлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари олдида туришган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарида ўтирган эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга изн берилмади. Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу келди. Изн сўради, унга ҳам изн берилмади. Кейин Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога изн берилди, улар ичкарига киришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим ўтирардилар. Умар розияллоҳу анҳу: “бир гап қилай, шояд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар” деб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Зайднинг қизи (Ҳазрати Умарнинг хотини) ҳозиргина мендан нафақа сўраган эди, бўйнига боплаб туширдим!” дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юбордилар, тишлари кўриниб кетди. Сўнгра: “Манавилар ҳам атрофимни ўраб олиб, нафақа сўрашяпти”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳазрати Оишанинг таъзирини бериш учун ўринларидан турдилар. Умар розияллоҳу анху эса Ҳафсанинг таъзирини бериш учун турдилар. Икковлари ҳам: “Расулуллоҳдан у кишининг ҳузурларида бўлмаган нарсани талаб қиласизларми?” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қайтардилар. Шундан сўнг «хиёр» деб номланган ушбу икки оят нозил бўлди: “Эй Пайғамбар, хотинларингизга айтинг: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатларини истайдиган бўлсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиб қўяй; агар Аллоҳни ва Унинг Расулини, охират диёрини истайдиган бўлсангиз, унда Аллоҳ сизларнинг яхшилик қилувчиларингизга улуғ мукофотни тайёрлаб қўйган».
Ушбу икки оятдаги буйруққа биноан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир аёлларидан ё бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатини ёки Аллоҳ, Унинг Расули ва охиратни ихтиёр қилишини сўраб чиқишлари керак эди. У зоти бобаракот бу ишни Оиша розияллоҳу анҳодан бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Оишага: “Сенга бир ишни айтаман. Шошилмасдан, ота-онанг билан маслаҳат қилиб, жавоб бергин”, дедилар. Оиша онамиз: “У қандай нарса?” дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Пайғамбар, хотинларингизга айтинг...» оятини ўқиб бердилар. Оиша розияллоҳу анҳо: “Сиз ҳақингизда ота-онам билан маслаҳат қиламанми?! Йўқ, мен Аллоҳни ва Унинг Расулини ихтиёр қиламан. Сиздан илтимос, нимани ихтиёр қилганимни бошқа хотинларингизга айтмасангиз”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло мени қўпол қилиб эмас, муаллим ва енгиллатувчи қилиб юборган. Улардан ким сенинг нимани ихтиёр қилганингни сўраса, айтиб бераман”, дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча жуфти ҳалолларига икки ихтиёрдан бирини танлашга изн бердилар, ҳаммалари ҳазрати Оиша танлаган нарсани танлашди.
Охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоху алайҳи васаллам ўзлари учун, оилалари учун содда ва камтарона ҳаёт тарзини танлаган эдилар. У зот дабдабали ҳаёт кечириш имкони йўқлигидан эмас, ноилож қолиб ҳам эмас, агар бутун дунё бор зийнатлари билан оёқлари остида турганида ҳам, фақирона кун кўришни афзал билардилар. Кўпчилик мусулмонларга ўхшаб бир оз камтарроқ ҳаёт кечирар эдилар. Дунё ва унинг зийнатларидан ўзларини юқори тутардилар. Пайғамбаримиз билан бир ёстиққа бош қўйган оналаримиз бутун оғирликларни бўйинларига олиб, ҳамма муслима аёлларга ўрнак бўлиб умргузаронлик қилишарди. Улар ер юзидаги энг улуғ инсон билан бирга оила қуриб, яшашар эди. Уларнинг уйларида инсониятга икки дунё саодатини қиёматгача кўрсатиб берувчи илоҳий дастур - Қуръони каримнинг оятлари нозил бўлиб турар эди. Шу билан бирга, улар ҳам инсон, бошқаларга ўхшаган оддий инсон фарзанди эдилар. Ислом дини қувватга кириб, жамият ва давлат шаклланиб, имкониятлар очилганидан кейин, улар “энди биз ҳам бошқалар каби бир оз манфаатлансак бўлар” деган фикрга борган бўлишлари мумкин. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан нафақаларини яхшилашни сўраган бўлишса керак. Лекин бу ишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хуш келмади. У зот маъюс бўлиб, сукут ичра хоналаридан чиқмай ўтириб олдилар. Ҳузурларига киришга рухсат сўраганларга изн ҳам бермадилар. Ниҳоят, бу масаланинг кескин жавоби Аллоҳ таолонинг Ўзидан келди. Пайғамбарнинг покиза хотинлари кундалик маиший нафақалари ҳақидагина сўрашган бўлса ҳам, жавоб умумий тарзда келди: ёки бу дунёни, ёки охиратни танлайсизлар. Ёки бу дунёнинг матоҳини ёки Аллоҳнинг розилиги ва жаннатини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишни ихтиёр қиласизлар. Албатта мўминларнинг оналари Аллоҳни, Унинг Расулини ва охиратни танлашди. Ислом ҳалол-пок ва шукри келтириладиган дунё матоҳини ҳаром қилмаган. Мусулмонларга бу дунёдаги насибаларини ҳам унутмасликни тавсия этган. Лекин Аллоҳ таоло пайғамбарлик хонадонининг, бутун умматга ўрнак-ибрат бўладиган нубувват хонадони аҳлининг дунё матоҳига муносабатда алоҳида ажраб туришини ҳам ирода қилди. Шу боис, келгуси оятларда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза жуфти ҳалолларига алоҳида хитоб қилади:
30. Эй Пайғамбар аёллари, сизлардан ким очиқ гуноҳ қилса, унга бериладиган азоб икки баробар кўпайтирилади ва бу Аллоҳга осондир.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарининг покиза хотинларига хитоб қилиб марҳамат қиляптики, эй Пайғамбар аёллари, агар сизлардан бирортангиз очиқ гуноҳ иш қилса, унга бериладиган азоб бошқаларникидан икки баравар қаттиқроқ бўлади. Аслини олган-да Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза аёллари томонидан очиқ бирор гуноҳнинг содир этилиши умуман ақлга сиғмайдиган нарса. Чунки набавий мадрасанинг таълимини олган, хонадонларида Аллоҳнинг ваҳийлари инаётган, бошқа аёлларга қараганда ҳам Парвардигорларидан қаттиқ қўрқадиган, гуноҳ ва савобни бошқалардан кўра теранроқ тушунадиган тоҳира аёлларнинг гуноҳга қўл уришлари маҳол бўлган ишдир. Лекин бу оятда уларга танбеҳ оҳангида хитоб қилинаётгани мўминлар оналарининг зиммаларидаги масъулиятнинг нечоғли оғир эканини, уларнинг Ислом жамиятидаги тутган ўринлари нақадар юксаклигини англатиш учундир. Шунинг учун ҳам улар мабодо бирор гуноҳ содир этишса, оддий аёлларга бериладиган азобга нисбатан икки баробар кўпроқ азоб берилиши таъкидланмоқда. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мусулмонлар учун гўзал ўрнак бўлганлари каби у зотнинг оилалари, жумладан, аҳли-аёллари ҳам гўзал намунадирлар. Ҳамма кўз тикиб турадиган намунали зотлар доимо ўзларига ҳушёр бўлишлари, ҳеч қачон шариатга хилоф иш тутмасликлари керак.
31. Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатда бўлса, солиҳ амал қилса, унинг мукофотини икки ҳисса қилиб берамиз ва унинг учун гўзал ризқ тайёрлаганмиз.
Ислом дининг асл моҳияти ҳам Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтириб, итоатда бўлиш, илоҳий амрларга сўзсиз эргашишдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг покиза аёллари ҳам бошқа мўминалар қатори айнан шунга буюрилишмоқда. Мўминлар оналаридан бирорталари томонидан мабодо гуноҳ содир бўлиб қолса, уларга жазо икки марта зиёда қилиб берилиши эълон қилинганидан сўнг улардан ким Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига доимий итоатда бўлса ва яхши амал қилса, мукофотининг икки баробар қилиб берилиши ҳам адолатнинг ўзгинасидир. Шунинг учун ҳам улар доимо зиммаларидаги улуғ масъулиятни ҳис этиб яшашлари керак. Шу билан бирга, фақирона, камтарона ҳаёт кечиришлари лозимлиги ҳам аввалги оятларда таъкидланди. Буларнинг ҳаммаси эвазига Аллоҳ таоло томонидан ажр-савоб икки марта зиёда бўлиши баён қилинмоқда. Улар учун охиратда, жаннатда Аллоҳ таоло гўзал ризқ тайёрлаб қўйгани ҳам билдирилмоқда.
32. Эй Пайғамбар аёллари, сизлар аёлларнинг бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманглар, акс ҳолда қалбида бузуқлиги борлар таъма қилиб қолади. Яхши сўзларни гапиринглар.
Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарининг покиза аёлларига хитоб қилиб айтяптики, сизларнинг бошқа барча аёллардан фарқларингиз бор, сизлар уларнинг бирортаси каби эмассиз. Сизлар Пайғамбарнинг хотинларисиз, мўминларнинг оналарисиз. Ҳамма мўминалар учун ўрнак саналасизлар. Бундай мақомга эришиш учун Пайғамбарга жуфти ҳалол бўлганингизнинг ўзи етарли эмас, айни пайтда сизлар Аллоҳдан қўрқишингиз, Унга тақво ҳам қилишингиз керак. Тақво эса сизларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатингизда, ҳатто сўзлашишларингизда ҳам намоён бўлиб туриши лозим. Бошқаларга гапирганда сўзни майин, назокатли, ёқимли қилиб гапирманглар, акс ҳолда қалби бузуқ, беҳаё кимсалар бундан бирор нарса тама қилиб, шаънингизга доғ тушириб қўйиши мумкин. Мунофиқ ва имони заиф кимсалар Пайғамбарга озор етказиш, бадном қилиш учун сизларнинг бу ҳолатингиздан фойдаланиб, фисқ-фужур ишларини бошлаб юбориши мумкин. Тақволи бўлиш сизлардан турли бефойда гапларни гапирмасликни, фақат маъруф-яхши сўзларни айтишни ҳам талаб қилади. Шунинг учун амри маъруф ва наҳйи мункарни, кишиларни тақвога, яхшиликка чақирадиган, ёмонликдан қайтарадиган гаплардан гапиринглар.
33. Уйларингизда қарор топинглар. Илгариги жоҳилиятнинг ясан-тусани каби очиқ-сочиқ юрманглар. Намозни адо этинглар, закотни беринглар, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар. Эй Пайғамбар хонадони, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказиб, буткул поклашни истайди.
Қуръони карим «Ўз уйларингда қарор топинглар, барқарор бўлинглар» деб таълим беряпти. Бу, аёл учун энг шарафли жой - унинг уйи, оила давраси дегани. Аёл учун оиланинг чароғбони, рўзғорнинг ишбошиси, фарзандлар тарбиячиси бўлишдан кўра фазилатли, савобли иш йўқ. Аёл жамоат ишлари билан банд бўлиб, ўзгалар ишини қойиллатсаю ўз болалари бегона энагалар ва тарбиячилар қўлида, она меҳрига, эркалашига зор-ташна улғайса, бундан кимга фойдаю, кимга зарар?! Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўз онаси тарбиясини олган, унинг ғамхўрлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб турган болалар оналари бутунлай ўзларини жамоат ишига бахшида қилиб, фарзандларидан узилиб қолган оналарнинг болаларига қараганда соғлом, ақлли, тарбияли ва кўнгилчан бўлиб улғайишар экан. АҚШда қамалганларнинг ярмидан кўпи она меҳрига тўймаган ёшлар бўлган. Бугунги оналар учун бола тарбияси жамият ва рўзғор юмушлари олдида аҳамиятсиз нарса бўлиб қолмоқда. Аёлларга ҳар қанча ҳуқуқ берилмасин, улар қанчалик юксак мақомларга эришмасинлар, агар болаларига яхши тарбия бермасалар, уларга ўзини, миллатини, динини, ватанини танитмасалар ва севдирмасалар, оналик, аёллик ҳаққини адо этмаган бўлишади. Зеро, Ислом олимларидан бири айтганидай, «Авлодларни вояга етказиш ва муносиб инсон қилиб тарбиялаш мақсад қилиб олинмаган никоҳ шунчаки бир айш-ишрат ва маишатдан бўлак нарса эмас. Бу никоҳдан келган болалар ҳам оний ўткинчи ҳирснинг қурбони бўлган бечоралардир».
Аллоҳ таоло ушбу ояти орқали мўминларнинг оналарига - Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза аёлларига яна бир неча амрлар билан хитоб қилмоқда. Булардан биринчиси - улар ўз уйларида қарор топишлари, яъни уйларини маскан тутишлари зарур. Бошқа мўминаларга ўрнак бўладиган оналаримизга виқорларини сақлаб, уйларида ўтириш амр қилинмоқда. Бу амрдан Пайғамбар соллаллоху алайҳи васалламнинг аёллари уйдан чиқишлари мумкин эмас экан, деган фикр тушунилмайди. Ушбу ояти карималар нозил бўлганидан кейин ҳам оналаримиз уйларидан чиқишган, ҳатто узоқ-узоқ сафарларга ҳам боришган. Масалан, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳудайбияга борганлар. Оиша онамиз эса у зот билан бирга ҳажга борганлар. Мўминларнинг оналари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам уйдан чиқишган, сафарларга боришган. Бу ерда аёл кишининг асосий турар жойи уй бўлиши кераклигига ишора қилинмоқа. Айниқса, мўминларнинг оналари бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари учун виқор билан уйларида ўтиришлари, сабабсиз остона ҳатлаб чиқмасликлари зийнат ва фазилатдир. Исломдан олдинги жоҳилият тузумида аёллар очиқ-сочиқ, ясан-тусан қилиб юришар, ҳар қадамда эркаклар эътиборини ўзларига тортишга интилишар эди. Ўзларини бозорга солиб, таналари ва зеб-зийнатларини кўз-кўз қилишар эди. Бундай очиқ-сочиқ юриш «табарруж» дейилади. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза аёлларини жоҳилият тузумининг хотинлари каби очиқ-сочиқ юрмасликка буюрмоқда. Бу амр ҳар бир муслимага тегишли бўлган, лекин ҳар бир муслимага ўрнак бўладиган оналари-мизга янада кўпроқ тегишли эди. Уйларда қарор топиш, очиқ-сочиқ юрмаслиқцан кейин уларга намозни тўкис, беками-кўст адо этиш, зиммаларидаги закотни ҳақдорларга бериш буюрилмоқда. Ҳар икки амал Ислом динининг асосий рукнларидан бўлгани учун мўминларнинг оналари бу амалларни адо этишга ҳам буюрилмоқда. Шундан сўнг ояти каримада илоҳий амрларнинг энг муҳими, яъни Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатда бўлиш кераклиги тушунтирилмоқда. Ушбу амр доирасига юқорида зикр этилган ва зикр этилмай қолган бошқа ишлар ҳам киради. Ҳар бир мўмин ва мўмина Аллоҳга ва Унинг Расулига тўла итоат қилмагунича, имони комиллик касб этмайди. Уларга айни комилликдан дарс берувчи зотлар эса мўминларнинг оналари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари бўлиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаётган аёллар - уйларида Қуръон оятлари тушиб турган мўминалар Аллоҳга ва Унинг Расулига биринчи бўлиб итоат қилишмаса, бошқа ким ҳам итоат қилар эди?!
Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар хонадонини, у зотнинг Аҳли байтини маънавий кирликлардан, яъни хато, гуноҳ ва бошқа иллатлардан поклаш-тозалаш учун қилинаётган тадбирлардир. «Ахди байт» деганда, фақат маҳбуб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадон аҳллари тушунилади, холос. Ўша аҳли байтни бутунлай поклашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олмоқда. Лекин, аввало, уларни одобли, ахлоқли бўлишга, уйларида виқор билан ўтиришга, жоҳилият очиқ-сочиқлигидан узоқ туришга, нозу карашма билан гапирмасликка, намоз ўқиб, закот беришга ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишга амр этмоқда ва шундан сўнггина улардан кирни кетказиб, бутунлай поклашга ваъда бермоқда. Демак, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга аҳли байт бўлишнинг ўзигина Аллоҳнинг уларни бутунлай поклаши учун етарли эмас. Балки улар аввало имон-эътиқодда ва ибодату амалда собит бўлишлари зарур. Ана шундагина Аллоҳ таоло уларнинг маънавий кирларини кетказиб, бутунлай хато-нуқсонлардан поклайди. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Фотима Муҳаммад қизи! Эй София Абдулмуттолиб қизи! Эй Бани Абдулмуттолиб! Мен сизларга Аллоҳдан келадиган бирор нарсани қайтаришга қодир эмасман. Мендан ўз молимдан нимани хоҳласангиз, сўранглар», деганлар (Муслим ривояти). Имом Муслим ва Термизийлар ривоят қилган хддисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Қурайш жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бани Каъб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бани Ҳошим жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бани Абдулмуттолиб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Фотима Муҳаммад қизи, ўзингни дўзахдан қутқар! Аллоҳга қасамки, албатта, мен сизларга Аллохдан келадиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман», деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахди байтларига муносабат шунчалик экан, энди бошқалар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
Ато ибн Абу Рабоҳ айтади: “Буни Умму Сулаймдан эшитган киши эслаб, менга айтиб берди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг уйида эканлар. Фотима розияллоҳу анҳо бир идишда таом олиб кирди. У зот: “Эрингни ва икки ўғлингни менга чақир”, дедилар. У бориб чақириб келди. Али, Ҳасан ва Ҳусайн кириб, хазира (таом)дан еб ўтиришди. У зот уйқу тўшаклари устида эдилар. Остларида йўл-йўл мато тўшалган эди. Умму Сулайм айтади: “Мен ҳужрамда намоз ўқиётгандим. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Шунда у зот матонинг учидан ушлаб, ўтирганларни у билан ўрадилар, кейин қўлларини чиқариб, осмонга кўтардилар ва: “Эй Аллоҳ, мана булар менинг хонадон аҳлим ва хосларимдир. Улардан гуноҳни кетказ ва уларни бутунлай поклагин”, дедилар. Мен бошимни уйга киритиб: “Эй Расулуллоҳ, мен сизлар билан биргаман”, дедим. У зот: “Албатта сен яхшиликдасан, албатта сен яхшиликдасан”, дедилар. Саид ибн Жубайрнинг ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза жуфти ҳалолларига қаратилган нидосини қуйидаги оят билан якунлайди:
34. Уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланглар. Аллоҳ лутфлидир, хабардордир.
Ҳақиқатан ҳам мўминларнинг оналари хонадонларида Аллоҳ таолонинг ваҳийлари инар ва улар тинмай тиловат қилиниб турар эди.
Шундай бўлса ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг аёлларига улар яшаб турган уйлар оддий хонадон эмас, балки илоҳий ваҳийлар нозил бўлиб, тиловат қилиниб турувчи манзил эканини эслатмоқда. Бундан ташқари улар макон тутган хонадонлар оддий уй эмас, Набий соллаллоху алайҳи васалламнинг суннатлари жорий этилиб, ҳадислари сўзланиб турган хонадон экани ҳам эслатилмоқда. Айни чоғда, улар уйларида тиловат этилаётган Қуръон оятларини ва Пайғамбар соллаллоху алайҳи васалламнинг ҳикматли ҳадисларини унутмасликка, уларни эслаб, англаб, ўрганиб, сўнг амал қилишга буюрилмоқдалар. Ояти каримадаги Аллоҳнинг “лутфли” сифати ҳар бир нарсанинг ўта нозик нуқталаригача яхши билувчи маъносини англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза завжаларига қилинаётган хитоблардан сўнг Аллоҳ таоло Ўзининг ҳар бир нарсани энг нозик жойигача яхши билувчи, ҳар бир нарсадан ўта хабардор Зот эканини билдириш билан «Ана шу айтилган амрларга амал қиласизларми-йўқми, ҳаммасини билиб тураман» деб ҳам огоҳлантирмоқда. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг оилаларига алоҳида эътибор беришда ҳам катта ҳикмат бор, чунки Ислом жамиятининг ўзаги мусулмон оилалари бўлса, мусулмон оилаларнинг ибрат оладиган, ўрганадиган жойи ушбу муборак оиладир. Исломий оила қандай бўлади? Исломий оилада ўзаро муносабатлар қандай бўлиши керак? Шу каби кўплаб саволларга айнан мана шу муборак оиладан жавоб ва ўрнак олинади.
Аллоҳ таоло томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига бу қадар жиддий эътибор қаратилаётганининг ўзиёқ дин душманларининг “Ислом аёллар масаласига эътибор бермайди, аёлларнинг хўрланишига, уларга жабр-ситам ўтказилишига бефарқ қарайди” қабилидаги иддаоларини чиппакка чиқаради. Исломчалик аёлларнинг қадрини ва шаънини кўтарган, уларга катта имтиёзлар берган ва ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаган бошқа бирор таълимот ёки тузум йўқ. Бунга тарихда мисоллар жуда кўп.
Ислом динигина аёлнинг шарафи, иффати, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб берди, Исломгина бундан ўн беш аср муқаддам аёлни олий мартабага кўтарди. Инсониятнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ-ҳукуқларини белгилаб беришда фақат Ислом умматига эмас, бутун кишилик жамиятига ибрат бўлдилар. Мусулмонларгина аёлга бўлган муносабат қандай бўлишини бутун дунёга исботлаб кўйишди. Исломда эркакларга ўз аёлларига яхши, хушмуомалада бўлиш, уларни урмаслик, илм олишига ва динини ўрганишига шароит яратиб бериш, таом, кийим, бошпана ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Динимиз ҳатто уруш пайтида ҳам аёллар ва болаларни ўлдиришни ман этган. Қуръони каримда аёл ҳақида кўп оятлар нозил қилинган. Ҳатто сураларнинг бири Нисо (Аёллар), яна бири Талоқ сураси дея номланиб, булар-да асосан аёлларга тааллуқли илоҳий ҳукмлар баён қилинган. Бундан ташқари Бақара, Моида, Нур, Аҳзоб, Мужодала, Мумтаҳана ва Таҳрим сураларида ҳам аёлларга тегишли масалалар батафсил айтилган.
Ислом таълимоти аёлни улуғлабгина қолмади, балки аёлга худди эркакларга қарагандек қараб, эркакка берган барча ҳуқуқ ва вожиботларни аёлга ҳам берди. Илм олиш эрларгаю хотинларга баравар фарз қилинган. Молиявий муомалаларда аёл ўз моли ва бойликларини тасарруф қилишда ихтиёрига эга. Аёл эри ёки отасининг аралашувисиз тижорий шартномаларни ихтиёрий равишда ўзи тузишга ҳақлидир. Эркаклар молиявий муомалаларда қандай ҳуқуқларга эга бўлишса, аёллар ҳам худди шундай ҳуқуқларга эгадир. Дин таълимотларига риоя қилган ҳолда жони, соғлиғи, ақлини сақлаш ва ривожлантириш, ақли ва жисми ислоҳоти билан боғлиқ бўлган ҳамма ишда аёл эркак билан баробар ҳуқуққа эга.
Аҳли Байтдан маънавий кирликларни кетказиб, бутунлай поклаш учун уларда зарур сифатларнинг мавжуд бўлиши шарт эканига юқоридаги оятларда ишора қилинди. Ислом жамиятидаги шундай кирликларни кетказиб, уни бутунлай поклаш учун ҳам ўша жамият аъзоларида маълум бир сифатлар, қадриятлар бўлиши керак. Чунки Аллоҳнинг розилигига эришиш, жаннатга кириш ўз-ўзидан осонгина бериладиган мукофот эмас. Қуйидаги ояти каримада худди ана шу сифатларнинг баъзилари ҳақида сўз кетади.
35. Муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, содиқ эркаклар ва содиқ аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва зикр қилувчи аёллар - ана шулар учун Аллоҳ мағфиратни ва улуғ мукофотни тайёрлаб қўйгандир.
Ушбу ояти карима ҳам Исломда эркак ва аёлнинг бир хил мақом ва мартабада эканига ёрқин далилдир.Унда келтирилган сифатларнинг ҳар бири мўмин-мусулмон эркакка ҳам, аёлга ҳам бирдай зарур бўлган ва мусулмоннинг асл фазилатларини намоён қилиб турувчи комил сифатлар экани таъкидланмоқда. Оятда зикри келган инсонлар энг аввало бутун вужудларини, бор-будларини Аллоҳ таолога таслим қилган, Исломнинг барча фарзларига тўла бўйсунган комил муслим ва муслималардир. Кейин эса Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига, китобларига, фаришталарига, қиёматга ва ўлгандан кейин тирилишга, ҳамма нарса Аллоҳ белгилаган тақдирга боғлиқлигига имон келтирган асл мўмин ва мўминалардир. Бандаларнинг Аллоҳ таолога ёқадиган сифатларидан яна бири уларнинг итоатли бўлишларидир. Эркак ҳам, аёл ҳам итоатли бўлсагина чин мўмин саналади. Аммо бу итоат биров томонидан мажбурланиб, бўйсундириб ҳосил қилинган бўлмаслиги, балки чин дилдан, кишининг ўз ихтиёри билан, имони ва Исломидан балқиб чиққан итоат бўлиши лозим.
Шундан сўнг муслим ва муслималардан талаб қилинаётган нарса ҳар соҳада содиқ, яъни ростгўй, тўғри бўлишдир. Сўзларида, ишларида, ниятларида ва имонларида содиқ эркак ва аёллар асл мўминлардир. Сўзда содиқ бўлиш рост сўзлаш, ёлғон гапирмасликдир. Рост сўзлаш гўзал сифатлардан бўлиб, ҳар бир эркак ва аёл учун олий сифатлардан саналади. Ростгўйлик имоннинг аломатидир. Ким ростгўй бўлса, нажотга эришади. Набий соллаллоху алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: «Ростгўйликни лозим тутинглар, ростгўйлик албатта яхшиликка, яхшилик эса жаннатга бошлайди. Ёлғондан сақланинглар, ёлғон албатта фисқ-фужурга, фужур эса дўзахга бошлайди. Инсон рост гапирса, ростгўйликни ихтиёр қилаверса, Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлардан бўлиб ёзилади. Агар одам ёлғон гапирса, ёлғонни ихтиёр қилаверса, Аллоҳнинг ҳузурида каззоблардан (ёлғончилардан) бўлиб ёзилиб қолади», деганлар.
Яна оятда мўмин ва мўминаларнинг сабрли бўлишлари лози-лиги ҳақида сўз боради. Сабр ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон эркак ва аёлга зарур бўлган гўзал сифатлардандир. Сабри бўлмаган инсон мўмин-мусулмонлик таклифларини, буйруқларини адо эта олмайди. У бошига тушган мусибатларга, келган бало ва машаққатларга сабр-бардош бериши керак. Орзу қилгани олий мақомларга етиш, турли синовлардан, машаққатлардан ўтиш учун сабр талаб қилинади. Барча пайғамбарлар ўз умматларига ибрат бўлиш учун ҳар қандай синов-қийинчиликларга сабр этишгани тариҳдан маълум. Мусибатларга сабр этиш Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳам улуғ сифатларидан эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ушбу ояти орқали у зотнингумматлари бўлмиш сизу биз, мусулмонларга ҳам сабрни буюрган ва бунинг натижаси яхшилик билан тугаши хабарини берган. Сабр энг олий фазилатлардан, сабр туфайли зафарга эришилади, унинг меваси ниҳоятда ширин бўлади. Сабрнинг акси сабрсизликдир. Лекин динга мувофиқ бўлмаган ношаръий ишларга сабр қилинмайди. Сабр - нафснинг юксак хулқларидан бири. Пайғамбар алайҳиссалом сабрни уч турга бўлиб, ибодатда чидам, гуноҳдан сақланишда чидам ва мусибат-машаққатларга бар-дошга буюрганлар. Ҳадиси шарифда: «Сабр имоннинг ярмидир», дейилган.
Сўнгра мўмин ва мўминалардан талаб қилинадиган нарсалардан яна бири хушуъли бўлишдир. Оятдаги «хушуъ» маъносини бир сўз билан ифодалаш мушкул. Бу ўриндаги «хушуъ» сокинлик, хотир-жамлик, шошилмаслик, виқор ва тавозуъ каби маъноларни ўз ичига олади. Бу сифат ҳам қалбга, ҳам аъзоларга тегишлидир. Яъни, хушуъ инсоннинг бутун борлиғи билан Аллоҳ таолонинг улуғлигини, ҳайбатини ҳис қилиб туришидир.
Садақа қилувчи эркаклар ва аёллар ҳам Аллоҳга севимли бандалардан бўлади. Садақа қилиш молиявий ибодатҳисобланиб, заифҳол, муҳтож кишиларга моддий ва маънавий ёрдам бериш, бахиллик дардидан покланишдир. Садақа инсоннинг имонини тасдиқловчи нарса бўлгани учун ҳам «садақа» деб номланган. Зеро, араб тилида «садақа» сўзи «тасдиқлаш» маъносини билдиради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида: «Худди сув оловни ўчирганидек садақа ҳам гуноҳларни ўчиради», деганлар. Эҳсон-садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: «Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир»; «Бева ва мискинга садақа қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар ҳам ушбу оят зикр қилган саодатманд бандалар тоифасига киради. Рўза юқорида зикр қилинган барча сифатларни пайдо қиладиган ва қувватлантирадиган амалдир. Рўза орқали мусулмон эркак ва аёлнинг имони, итоаткорлиги, ростгўйлиги, сабри, хушуъ-хузуьси, садақа қилишга рағбати кучаяди. Имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза баданнинг закотидир», деганлар. Яъни, рўза танани покловчи нарсадир, деганлар. Зеро, рўза ибодати билан нафс тарбияланади, шаҳвоний ҳою-ҳаваслар жиловланади. Рўза тутиб, инсон комил хулқларга эга бўлади. Комил хулқли инсонлар яшаган жамиятда осуда ва тинч-осойишта ҳаёт ҳукм суради.
Аллоҳ таоло мақтаган бандаларнинг яна бир тоифаси фаржларини, яъни жинсий аъзоларини сақловчи эркаклар ва аёллардир. Бу ҳам жисмоний ва маънавий покликнинг энг олий босқичи саналади. Зино ва ҳаром қилинган бошқа жинсий алоқалардан фаржини сақлаш мўмин-мусулмонликнинг белгиларидандир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларидан маълумки, ҳар бир одам боласи соф фитрат билан, яъни муслим бўлиб туғилади. Инсоннинг соф фитрати, шайтон васвасаси туфайли бузилмаган табиати эса ҳар қандай қинғир ишлар, ҳаром-хариш нарсалардан, хусусан, зинодан ҳам хазар қилади. Чунки соф инсоний табиат ҳеч қачон зинони яхшилик сифатида қабул қила олмайди. Зеро, инсониятнинг боқий қолиши, камол топиши учун эркак билан аёл ўртасидаги алоқа доимий ва мустаҳкам аҳду вафо, жамият томонидан кафолатланган қоидалар асосида бўлиши керак. Шундай бўлмаса, наслу насаб поклиги ҳам, ота-болаликтуйғуси ҳам, оила ҳам, жамият ҳам қолмайди, инсоният таназзулга юз тутади. Зино поклик ва олийжанобликни йўққа чиқарадиган амалдир. Шунингучун ҳам ҳамма халқлар, ҳамма динлар, ҳамма жамиятлар зинони қоралаган. Шу билан бирга, зино жамиятга ҳам катта зарарлар келтиради, бора-бора уни ҳалок қилиши мумкин. Бинобарин, зинонинг ҳар қандай кўринишидан сақланиш мўмин-мусулмон эркагу аёлларнинг энг муҳим сифатларидандир.
Ва ниҳоят ояти карима Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва аёлларни васф қилмоқда. Аллоҳни кўп зикр қилиш юқорида зикр этилган ва зикр этилмаган сифатларнинг юзага келишига ва бардавом бўлишига асосий омилдир. Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарурий амаллардандир. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эр киши кечаси хотинини уйғотса ва икковлари икки ракатдан намоз ўқишса, ўша кеча Аллоҳни зикр қилган зокир эркаклардан ва зокира аёллардан бўлишади», деганлар (Ибн Абу Ҳотим ривояти). Юқорида тилга олинган сифатларга эга бўлган эркак ва аёлларнинг гуноҳларини Аллоҳ таоло шу дунёнинг ўзидаёқ мағфират қилиб, кечиради, охиратда эса уларга Ўзининг олий мукофотларини - жаннати ва дийдорини ваъда қилган.
Муқотил ибн Ҳайён айтади: “Эшитишимча, Асмо бинти Умайс эри Жаъфар ибн Абу Толиб билан бирга Хабашистондан қайтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари олдига кириб: “Биз (аёллар) ҳақида Қуръонда бирор нарса нозил бўлдими?” деб сўради. Улар: “ Йўқ”, дейишди. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб: “Эй Аллоҳнинг Расули, албатта аёллар зиён ва муваффақиятсизликдадир”, деди. У зот: “Нима сабабдан шундай?” дедилар. У: “Чунки яхшиликда фақат эркаклар зикр қилинадилар, аёллар эса ҳеч зикр қилинмайдилар”, деди. Шунда Аллоҳ таоло “Муслимлар ва муслималар...” оятини охиригача нозил қилди”. Қатода шундай деган: “Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларини (Қуръон)да зикр қилгач, муслима аёллар уларнинг (пайғамбар аёлларининг) олдиларига кириб: “Сизлар зикр қилиндинглар, бизлар эса зикр қилинмадик. Агар бизда яхшилик бўлганида эди, албатта зикр қилинардик”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятини нозил қилди”.
36. Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ҳеч бир мўмин ва мўмина учун ишларини ўзларича қилиш ихтиёри йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатсиз бўлса, у аниқ залолат билан йўлдан адашибди.
Сийрат китобларидан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлгунларига қадар ҳам жоҳилиятнинг барча ботил урф-одатларидан четда турганлар, гуноҳ ишларга қўл урмаганлар. Чунки Аллоҳ таоло у зотни Ўзи булардан сақлаган. Фақат бола асраш бобида Аллоҳ ирода қилган ҳикмат юзасидан Зайд ибн Ҳорисани ўғил қилиб олганлар. Мана энди бунинг ҳикмати юзага чиқмоқда. Аллоҳ таоло шу одатни ва унга қўшиб «Асранди ўғлининг талоқ қилган хотинига уйланиб бўлмайди» деган жоҳилият қонунини ботил қилиш учун чиқарган ҳукмни Ўз Пайғамбарининг ҳаётида татбиқ этишни хоҳлаган эди. Чунки шунда ҳукм таъсирлироқ бўлади, ҳамма сира иккиланмай уни қабул қилади. Худди мана шу ҳикматга биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аммаларининг қизи бўлмиш Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳони норози бўлишларига қарамай Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуга никоҳлаб берган эканлар. Худди шу ҳикмат юзасидан «Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ҳеч бир мўмин ва мўмина учун ишларини ўзларича қилиш ихтиёри йўқ» ояти нозил бўлган экан. Айнан шариатга тўғри келишини қатъий равишда таъкидлаш учун Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга Зайнаб бинти Жаҳш онамиз розияллоҳу анҳога уйланишни қатъиян амр қилган. Шариатга тўғри келадиган бўлсин, жоҳилиятнинг жоҳил тузумларидан биттаси йўқ бўлсин, деган маънода бу нарсани Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган. Мана шу ҳақиқат Қуръони каримнинг Аҳзоб сурасидаги ушбу оятда ўз аксини топган: ««Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга хукм қилганида ҳеч бир мўмин ва мўмина учун ишларини ўзларича қилиш ихтиёри йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатсиз бўлса, у аниқ залолат билан йўлдан адашибди».
Жамики мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради. Аллоҳнинг кўрсатмаси, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг айтганлари турганида мўмин киши хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл-ўзича бир иш қила олмайди, бу мумкин эмас. Ким Аллоҳни ва Унинг Расулини қўйиб, ўзича иш тутса, у Аллоҳ таборака ва таоло ҳамда Унинг Расули алайҳиссаломга итоатсиз кишига айланади. Ким Аллоҳга, Унинг Расулига осий бўлса, демак, у очиқ адашишда экан. Очиқ адашганларнинг ҳоли нима бўлиши эса ҳаммага маълум ҳақиқатдир.
Ушбу ояти кариманинг ҳукми барча мўмин-мусулмонларга тегишли саналса ҳам оятнинг нозил қилинишига баъзи бир воқеаларнинг сабаб бўлгани ривоят этилади. Жумладан, Ал-Авфий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳодан қуйидагиларни ривоят қилади: «Ҳеч бир мўмин ва мўмина учун...» ояти Расулуллоҳ алайҳиссалом Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳо учун совчиликка борганларида нозил бўлган. У зот алайҳиссалом Зайнаб бинти Жаҳш Асадиянинг олдига кириб, совчилик қилгач, унинг розилигини сўрадилар. Шунда Зайнаб: “Мен унга - яъни Зайдга тегмайман» деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Хўп де, унинг никоҳига кўнавер», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, менга ўз нафсимда ҳам амр қилинадими?» деди. Икковлари гаплашиб туришганида Аллоҳ таоло «ҳеч бир мўмин ва мўмина учун...» оятини нозил қилди. Шунда Зайнаб розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени унинг никоҳига олинишига рози бўлдингизми?» деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ҳа» дедилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо: «Ундай бўлса Расулуллоҳ алайҳиссаломга осий бўлмайман, ўз нафсимни унинг никоҳига топширдим», деди. Оятнинг нозил қилинишига сабаб бўлган ривоятдан кўриниб турибдики, Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо бу никоҳга ўз иродасига қарши, Аллоҳнинг оятини эшитиб, Расулуллоҳнинг рағбатлари туфайлигина рози бўлди. Чунки Аллоҳ ва Унинг Расули ҳукм қилган ишга ҳеч бир мўмин ва мўминанинг қарши чиқиши мумкин эмас. Мусулмонлар ушбу эътиқодда мустаҳкам турган пайтларида, фақат Аллоҳ таолонинг ва Расулининг ҳукми ила иш юритганларида дунёнинг пешқадам уммати бўлишган.
Расулуллоҳ алайҳиссалом ушбу оламшумул таълимотларни амалда татбиқ қилишни истадилар. Бу ишни ўз яқинларидан бошладилар. Ўзларининг мавлолари, яъни озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу номидан аммаларининг қизи Зайнаб бинти Жаҳш Асадияга совчи бўлиб бордилар. Бу билан Исломда асли қул ҳам, Бани Ҳошимдан бўлган оқсуяк ҳам баробар қилинганини кўрсатмоқчи эдилар. Шундай бўлди ҳам: Зайнаб билан Зайд бинти Ҳориса оила қуришди. Лекин турмушлари унча келишмади, эр-хотин тотув яшай олишмади. Зайд хотинидан норози бўлди, унинг устидан шикоят қилиб Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига қайта-қайта келди. Пайғамбар алайҳиссалом эса унга насиҳат қилиб, сабрга чақирар, оиласига қайтарар эдилар. Кейинроқ Зайд розияллоҳу анху хотини Зайнаб розияллоҳу анҳони талоқ қилиш ниятида эканини айта бошлади. Расулуллоҳ алайҳиссалом унга талоқ қилмай туришни маслаҳат берардилар. Сўнгра иш умуман бошқача тус олиб кетди.
37. (Эй Муҳаммад), эсланг: Аллоҳ неъматлантирган ва сиз ҳам неъматлантирган кишига: «Жуфтингни ёнингда тутиб тур ва Аллоҳдан қўрққин», дер эдингиз. Ичингизда эса Аллоҳ ошкор қиладиган нарсани махфий тутардингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ бўлгани ҳолда одамлардан қўрқардингиз. Зайд ундан ҳожатини адо этгач, токи мўминларга асранди болаларининг ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилгач танглик бўлмаслиги учун сизни унга уйлантирдик. Аллоҳнинг амри адо бўлажакдир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг Зайд ибн Ҳорисага нималар деганларини эслатиш билан сўз бошламоқда: “Эсланг, Аллоҳ имон неъмати билан неъматлантирган, сиз эса ўзингизга эргашиш билан неъматлантирган мавлойингиз Зайдга хотини билан ажрашмоқчи бўлганида “Жуфтингни ёнингда ушлаб тур ва бунда Аллоҳдан қўрққин!” дер эдингиз. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд розияллоҳу анҳуни қулликдан озод этган, унга кўплаб яхшиликлар қилган эдилар. Шу сабабли, у жамиятда обрў-эътибор қозонди, ҳамма ҳурмат қиладиган бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд розияллоҳу анҳуни ўта яхши кўрганларидан у киши «Расулуллоҳнинг севимли кишиси» деган лақабни олди. Кейинроқ у кишининг ўғли Усомага «Севимлининг ўғли севимли» номи берилди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам ўзлари иштирок этмаган юришларга Зайдни юборадиган бўлсалар, фақат амир қилиб юборар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин қолганида Зайдни ўзларига халифа қилар эдилар», деган.
Тарих китобларида келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари совчилик қилиб, ўртада бош бўлиб Зайд ва Зайнаб икковини никоҳлаб қўйган эдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари Умайма бинти Абдулмуттолибнинг қизи эди. Унинг маҳрига ўн динору олтмиш дирҳам пул, бир рўмол, бир чойшаб, бир кўйлак, саксон мудд егулик ва ўн мудд хурмо берилган эди. Муқотил ибн Ҳиббоннинг айтишича, улар бир йил ёки ундан сал кўпроқ бирга яшашган. Сўнгра Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хотинидан шикоят қилиб кела бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унга: “Жуфтингдан ажрашмай тур ва Аллоҳдан қўрқ!” дер эдилар.
Пайғамбар алайҳиссалом одамларнинг «Муҳаммад ўзининг асранди ўғли талоқ қилган хотинга уйланибди» деб гапиришларидан истиҳола қилар эдилар. Мана шу ҳадик ояти каримада айтилганидек, “Аллоҳ ошкор қиладиган нарсаларни ичларида махфий тутиб юришлари”га сабаб бўлган эди. Чунки ўша вақтнинг урф-одатига биноан, асранди ўғилга худди ўз ўғлидек муомала қилинарди. Ўз ўғлининг талоқ қилган хотинига уйланиш ҳаром бўлганидек, асранди ўғилнинг талоқ қилган хотинига ҳам уйланиш ҳаром ҳисобланарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу мулоҳазалар ортидан Аллоҳ кўнгилларига солган ишни - Зайд талоқ қилганидан кейин Расулуллоҳга Аллоҳдан Зайнабга уйланиш ҳақидаги ҳукм бўлиши эҳтимолини махфий тутар эдилар. Таъкидлаб айтиш керакки, бу фақат кўнгилга тушган фикр эди. Агар Аллоҳнинг очиқ-ойдин амри бўлса, у зот алайҳиссалом буни ҳеч қачон махфий тутмас, балки дарҳол ошкор қилардилар. Аллоҳнинг амридан бирор сўзни ҳам махфий тутишга Набий соллаллоху алайҳи васалламнинг ҳақлари йўқ эди. Бундай қилмаганлари маълум ва машхурдир. Ибн Жарир Табарийнинг Омир розияллоху анҳудан қилган ривоятида Оиша розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтади: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ваҳий қилинган Аллоҳнинг Китобидан бирор нарсани беркитадиган бўлсалар, «Ичингизда эса Аллоҳ ошкор қиладиган нарсани махфий тутардингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ бўлгани ҳолда одамлардан қўрқардингиз» оятини беркитган бўлар эдилар».
Аллоҳ таоло ҳар бир ишни Ўзи билган ҳикмат билан қилади. Бу ҳақиқат суранинг аввалида асранди болаларга ўз фарзандидек муомалада бўлишни ботил қилган оятлар ҳақидаги баёнда ҳам айтил-ган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлгунларича ҳам жоҳилиятнинг ботил урф-одатларидан четда турганлар.
Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзи сақлаган. Фақат бола асраш бобида Аллоҳ ирода қилган ҳикмат юзасидан Зайд ибн Ҳорисани ўғил қилиб олган эдилар. Мана, бу ишнинг ҳикмати энди юзага чиқмоқда. Аллоҳ таоло ушбу одатни ва унга қўшиб, “асранди ўғилнинг талоқ қилган хотинига уйланиб бўлмайди” деган жоҳилият қонунини ботил қилиш учун чиқарган ҳукмни Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида татбиқ этишни хоҳлаган экан. Чунки шунда ҳукм таъсирлироқ бўлади. Ҳамма ҳеч иккиланмай қабул қилади. Худди шу ҳикматга биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аммаларининг қизи бўлмиш Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳони норози бўлишига қарамай Зайд ибн Ҳориса розияллоху анҳуга никоҳлаб берган эканлар. Худди шу ҳикмат юзасидан «Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ҳеч бир мўмин ва мўмина учун ишларини ўзларича қилиш ихтиёри йўқ» ояти нозил бўлган экан.
Мазкур ишларнинг асл моҳияти, улардан кўзланган ҳикмат энди юзага чиқмоқда ва Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига: “Зайд ундан ҳожатини адо этгач, токи мўминларга асранди болаларининг ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилгач танглик бўлмаслиги учун сизни унга уйлантирдик” деяпти. Яъни, «Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳожатини адо этиб, уни талоқ қилгач, Биз Ўзимиз сенга уни хотин қилиб бердик», демоқда. Шундай бўлиши керак эди, чунки бу Аллоҳ таолонинг иродаси эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳони Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзи никоҳлаб қўйди. Бу ерда валий ҳам, маҳр ҳам, гувоҳ ҳам йўқ, ҳаммасининг ўрнига Аллоҳнинг амри бор. Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо бундай никоҳ билан фахрланиб юрар эди. Анас ибн Молик розияллоху анҳудан қилинган ривоятда бу ҳақда шундай дейилади: «Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо Набий соллаллоху алайҳи васалламнинг бошқа аёлларига фахрланиб: «Сизларни аҳлларингиз никоҳлаб берган, мени эса Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан никоҳлаб берган», дер эди» (Бухорий ривояти). Жоҳилият аҳлининг “Бировнинг асранди боласи хотинидан ўз ҳожатини адо этиб, уни талоқ қилса, уни асраб олган киши ҳалиги аёлга уйланиши мумкин эмас” деган ғирт мантиқсиз қонунини энди Аллоҳ таолонинг Ўзи бекор қилиб, тўғрилади. Бу ишда намуна тариқасида Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзларини танлади. Шу тариқа Аллоҳнинг амри рўёбга чиқди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг бу борадаги амрига ҳам амал қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга уйландилар. Шу билан жоҳилиятнинг одамлар ҳаётига ва онгига қаттиқ сингиб кетган одатларидан бири - «Асранди ўғилнинг талоқ қилган хотинига уйланиш ҳаром» деган қонуни ботил бўлди. Мўминлар ўртасидан яна бир танглик кўтарилди.
38. Аллоҳ Пайғамбарга фарз қилган нарсада унга танглик бўлмайди. Бу олдин ўтганлар ҳақидаги Аллоҳнинг йўлидир. Аллоҳнинг амри белгиланган тақдирдир.
Агар Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига бирор нарсани фарз қилган экан, бундан у ҳеч хижолат бўлмаслиги, ўзида қандайдир ноқулайликни ҳис этмаслиги керак. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ҳар бир ишни Ўзи билиб қилади, бунда У ҳеч кимдан маслаҳат сўрамайди, одамларнинг маломати, гап-сўзларини инобатга олмайди. Аллоҳ қудрати ҳамма нарсага етадиган, ҳар бир ишнинг ҳикматини билиб турадиган Зот бўлгани учун Унинг ишига аралашишга ҳеч бир махлуқотнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбар ҳам Аллоҳнинг бандаси бўлгани учун Унинг амрига бўйсуниши лозим. Шунинг учун одамлар нима деса, деяверсин, Зайнабга уйланиш борасида ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай танглик бўлмайди. Аллоҳнинг амри келганда “Одамлар нима деркин?” деган мулоҳазалар билан тараддудланиб ўтирмай, зудлик билан илоҳий амрни бажаришга киришиш даркор. Қолаверса, бу амр фақат Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламнинг ёлғиз ўзлари учун тегишли бўлмаяпти, балки у зотдан олдин ўтган барча пайғамбарларга нисбатан ҳам Аллоҳ азза ва жалла шундай йўл тутган. Аллоҳ шуни ирода қилган, амалда шунга амал қилинган. Демак, Аллоҳ таоло охирзамон Пайғамбарига “асранди” ўғлининг талоқ қилган хотинига уйланишни буюрибдими, бу амр ҳам сўзсиз бажарилиши зарур.
39. Улар Аллоҳнинг рисолатларини етказадиган, Ундангина қўрқиб, Аллоҳдан бошқадан қўрқмайдиганлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб-китобга кифоядир.
Аллоҳнинг йўлига собитқадамлик билан эргашиб юрувчи зотлар, яъни Унинг пайғамбарлари бир неча сифатлар эга зотлардир. Буларнинг энг биринчиси: ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг рисолатини, амр-фармонларини инсонларга етказишдир. АллоҳуларниЎз элчиси, яъни пайғамбари қилиб юборган. Пайғамбарлар одамларга Аллоҳнинг амр-фармонларини, ваҳий ва хабарларини етказувчилардир. Сиз ҳам, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, ўшаларга ўхшаб одамларга Аллоҳнинг рисолатини етказишга масъул қилингансиз. Пайғамбарларнинг иши фақат Парвардигорларидан қўрқишдир, улар У Зотдан бошқадан асло қўрқмайдиган бўлишади. Яъни, илгари ўтган пайғамбарлар ҳам фақат Аллоҳ таолодан қўрқишган, зеро ҳикматнинг боши ҳам Аллоҳдан қўрқишдир. Шунинг учун Аллоҳ уларга нимани буюрса, ўйлаб ўтирмай, муҳокама қилмай дарҳол бажаришган. Эй Муҳаммад, сиз ҳам Зайнабга уйланиш масаласида Аллоҳнинг айтганини қилинг, одамларнинг гапига эътибор берманг. Чунки охиратда ҳисоб-китобни оғзига келганини вайсайдиган нодон одамлар эмас, балки қудрати ва ҳикмати чексиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади.
Ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилувчи Аллоҳ таолонинг бир никоҳ - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога никоҳлари масаласига бунчалик эътибор бериб, шунча оятларни нозил этиши бежизга эмас. Аввало, бу ерда гап жоҳилият даврида кенг тарқалган, одамлар қонига ва онгига сингиб кетган бир нотўғри урф, қонун-қоидани ҳаётдан сиқиб чиқариш ҳақида кетмоқда. У ҳам бўлса, асранди бола тутиш, ўгай ота унинг талоқ қилган хотинини никоҳлаб ололмаслиги масаласидир. Аслида, бу жойда асосий фикр ўша пайтда арабларда кенг тарқалган фарзанд асраб олиш одатини муолажа қилишдан иборат. Фарзанд асраб олиш муаммосини бўрттириб кўрсатиш учун ҳам бу ерга никоҳ масаласи қўшилган. Маълумки, ўз пушти камаридан бўлган ўғлининг хотини, яъни келини ота учун абадий маҳрам саналади. Лекин асранди фарзанднинг хотини ота учун фақат вақтинчалик маҳрам бўлади. Агар асранди фарзанд хотинини талоқ қилса, тутинган ота худди бегона бир аёлга уйлангандек, унга уйланиши мумкин. Зеро, асранди ўғил насл-насаб жиҳатидан ҳеч қачон ҳақиқий фарзанд каби бўлолмайди. Жоҳилият даврида эса арабларда асранди ўғил насл-насабга ҳам алоқадор ҳисобланарди. Бу ботил ҳукм туфайли жамиятда қанчалик ноқулайликлар, ҳаром-хариш ишлар келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида аввал ҳам гапирилди. Жоҳилий жамиятда жорий этилган урф-одатларни йўқ қилишдек оғир ва машаққатли вазифани бажаришда намуна қилиб бу сафар Аллоҳ таоло Набий соллаллоху алайҳи васалламнинг ўзларини жалб этди. Қолаверса, аввалги оятларда ҳам айтилганидек, бу ерда гап киши ўз нафсига, ўз хоҳишига қарши ўлароқ, Аллоҳ таолонинг амрини сўзсиз қабул қилиши ҳақида кетмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу ишда ҳам гўзал намуна бўлишлари керак эди. Шунинг учун ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар гап-сўз қиладиган, турли-туман миш-мишлар тарқатадиган ишга дучор бўлдилар.
40. Муҳаммад сизлардан бирор кишининг отаси эмас, балки у Аллоҳнинг Расули ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир.
Аллоҳнинг Расули ва Набийси Муҳаммад алайҳиссалом инсонлардан бирортасининг отаси эмаслар, балки Аллоҳ таолонинг инсониятга юборган пайғамбарларининг якунловчиси, энг охиргисидирлар. Қиёматгача энди у зотдан бошқа пайғамбар келмайди. Шунинг учун эй одамлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнабга уйланганлари учун «Муҳаммад ўз ўғлининг хотинига уйланди» деб бўҳтон гапларни тарқатманглар. Чунки у зот Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир ишни қилмаганлар, ҳеч бир вазифани ўзларича бажармаганлар. Аллоҳнинг элчиси сизлардан бирорта ҳам эркакнинг отаси бўлган эмаслар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анхумодан ривоят қилинади: «Уларни оталари(нинг номи) билан чақиринглар. Мана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир» ояти (Аҳзоб, 5) нозил бўлгунига қадар Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг мавлолари Зайд ибн Ҳорисани фақат «Зайд ибн Муҳаммад» деб чақирар эдик» (Бухорий ривояти). Аллоҳ таъкидлаяптики, Муҳаммад алайҳиссалом шунингдек, Зайнабни талоқ қилган Зайд ибн Ҳорисанинг ҳам отаси бўлган эмаслар. Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шурайҳбилдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд талоқ қилган Зайнабга Аллоҳнинг амри билан, жоҳилият ҳукмини ботил қилиш учун уйланганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жоҳилият ҳукми бўйича Зайдни асраб олишлари ҳам Аллоҳ ирода этган ҳикмат туфайли, шу одатни йўқ қилиш учун бўлган эди. Ҳеч қачон Зайд у зотга ўғил бўлган эмас. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч ким ўғил бўлган эмас. У зот эса ҳеч кимингизга ота бўлган эмас. Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳамма учун юборган Расулидир, “хотамун-набий”, яъни пайғамбарларнинг охиргисидир, у зотдан кейин ҳеч бир пайғамбар келмайди.
Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани яхши билгани учун ҳам ҳамма нарсани Ўз ҳикматига кўра тасарруф қилади. Унинг билганини бандалари билишмайди. Шундай бўлгач, Аллоҳнинг Пайғамбари хусусида оғизга келган сўзларни ўйламай айтавериш илоҳий тақдиротга тўғри келмайди. Эҳтимол, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғил фарзандлари турмаганининг ҳам биз билмаган ҳикмати бордир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича розияллоҳу анҳодан Қосим, Тоййиб, Тоҳир исмли ўғилларни кўрганлар, аммо уларнинг ҳаммаси кичиклигидаёқ вафот этган. Марям Қибтиядан ҳам Иброҳим исмли фарзанд кўрганлар, у эса эмизикли пайтида вафот этган. Расули акрамнинг ҳазрати Хадичадан тўрт қизлари бўлган: Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ва Фотимаи Заҳролар. Улардан уч нафари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин дунёдан ўтишди, фақат ҳазрати Фотимагина у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ой кўп яшади. Пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга фарзанд бобида мазкур ҳолатнинг жорий қилиниши Аллоҳ таолонинг ҳикматидандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг бошқа бирорта пайғамбар, расул ҳам, набий ҳам келмаслиги аниқ. Ким бунга ишонмаса, бунга зид эътиқодда турса, кофир бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканларининг хабарини берган ушбу ояти каримани тасдиқловчи кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган. Улуғ саҳобалардан Убай ибн Каъбдан ва у киши оталаридан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Менинг мисолим шуки, худди бир одам гўзал ва мукаммал ҳовли-жой қуриб, ундан биргина ғиштни қўймай, ўрнини очиқ қолдирган, одамлар бинони айланиб кўриб, ундан ажабланиб, сўнгра: «Агар мана шу ерга ҳам ғишт қўйилганда эди», дейишади, мен набийлар ичида ўша жойга қўйилган ғиштман» (Аҳмад ривояти). Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Аллоҳнинг наздида набийларнинг сўнггисидирман», деганлар” (Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло одамлар орасида турли-туман бўлмағур гапларга, иғво, бўҳтон ва туҳматлар тўқилишига сабаб бўлган юқоридаги масалага доир оятлардан кейин Аллоҳ таоло мўмин бандаларига қуйидагича хитоб қилади:
41. Эй имон келтирганлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар.
Сўзларнинг энг фойдалиси Аллоҳ таолонинг зикри, кишиларни яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир ўринга ўтирсаю Аллоҳни зикр қилмаса, унга Аллоҳ томонидан нуқсон етади. Ким бир ўринга ёнбошласаю Аллоҳни зикр этмаса, унга ҳам Аллоҳтомонидан нуқсон етади», деганлар (Абу Довуд ривояти). Ягона холиқимиз ва тарбияткунандамиз Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш - қалбни Унга маҳкам боғлашдир, “У мени кузатиб турибди” деган доимий хавотирда туришдир, Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, амалга оширишдир. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтирган мўмин бандаларнинг буюк Парвардигорлари Аллоҳ азза ва жаллани кўп-кўп зикр қилишлари, эслашлари талаб қилинади. Аллоҳ кўп зикр қилингандагина банда турли тил офатларидан - ёлғон, бўҳтон, иғво, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳ гап-сўзлардан узоқлашади. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида дунёнинг, унинг матоҳларининг зикрига жой қолмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида турли кўнгилхушликларга, инсон зеҳнини чалғитувчи бемаъни ишларга жой қолмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа муҳаббат сиғмайди.
Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳнинг ҳузурларига икки аъробий келди. Улардан бири: “Эй Аллоҳнинг Расули, қандай одам энг яхши одам саналади?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг умри узоқ бўлиб, амали яхши бўлса, ўша”, дедилар. Иккинчиси эса: “Эй Аллоҳнинг Расули, Исломнинг таклифлари кўпайди. Менга бир ишни буюрингки, уни маҳкам тутай”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Тилинг ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан нам бўлсин”, дедилар». Ҳадисларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Парвардигорингиз: «Модомики бандам Мени зикр қилиб лаблари қимирлар экан, Мен у билан биргаман», дейди» (Бухорий ривояти).
42. Ва тонгда ҳам, кечда ҳам Уни поклаб ёд этинглар.
Янги куннинг бошланишида, яъни эрталаб ва куннинг якун топишида, яъни кечқурунлари бизларни яратган, бутун Ер юзидаги ҳамма нарсани бизларга бўйсундириб қўйган Аллоҳ таолони поклаб ёд этиш, Унинг зикрини қилиш буюрилмоқда. “Зикр” сўзи луғатда «эслаш, ёд этиш, тилга олиш, баён қилиш» каби маъноларни билдиради. Аллоҳ таолонинг номини тилга олиб ёдлаш, мақташ, эслаш, сўзлаш «зикр» деб аталади. Зикр ҳам ибодатнинг бир тури, бандани ўз Парвардигорига яқинлаштирувчи воситадир. «Зикруллоҳ» Аллоҳни ёдга олиб мақташ, Унинг номини зикр этишдир. Аллоҳ таолони кўп эслаган, тонг ва оқшомларда Унинг зикри билан машғул бўлган бандаларига У Зот дунё ва охиратда катта савоб ва мукофотларни ваъда қилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳнинг бир тоифа фаришталари бор. Улар йўлларда айланиб, зикр аҳлларини излаб юришади. Улар Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топганларида «Ўзингиз истаган нарсага келинглар», деб нидо қилишади. Шунда уларни қанотлари билан ўраб олиб, дунё осмонида айланиб туришади. Шунда Роббилари Узи билиб турса ҳам: «Бандаларим нима дейишмоқда?» дейди. «Сенга тасбиҳ, такбир, ҳамд айтишмоқда ва Сени улуғлашмоқда», дейишади. «Улар мени кўрганларми?» дейди. «Йўқ. Аллоҳга қасамки, Сени кўрганлари йўқ», дейишади. «Агар Мени кўрганларида, қандай бўларди?» дейди. «Агар улар Сени кўрганларида, яна ҳам қаттиқроқ ибодат қилишарди, Сени яна ҳам қаттиқроқ улуғлашарди ва Сенга яна ҳам қаттиқроқ тасбиҳ айтишарди», дейишади. «Мендан нимани сўрашяпти?» дейди. «Сендан жаннатни сўрашмоқда», дейишади. «Улар уни кўришганми?» дейди. «Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй Робб, улар уни кўришмаган», дейишади. «Агар улар уни кўрганларида, қандай бўларди?» дейди. «Агар улар уни кўрганларида, унга яна ҳам қаттиқроқ ҳирс қўярдилар, уни яна ҳам қаттиқроқ талаб қилардилар ва унга яна ҳам қаттиқроқ рағбат қилардилар», дейишади. «Улар нимадан паноҳ тилашмоқда?» дейди. «Дўзахдан», дейишади. «Улар уни кўришганми?» дейди. «Йўқ, Аллоҳга қасамки, улар уни кўрмаганлар», дейишади. «Агар улар уни кўрганларида, қандай бўларди?» дейди. «Агар улар уни кўрганларида, ундан яна ҳам қаттиқроқ қочардилар, ундан яна ҳам қаттиқроқ қўрқардилар», дейишади. «Мен сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, албатта, уларни мағфират қилдим», дейди. Шунда фаришталардан бири: «Уларнинг ичида фалончи бор. У улардан эмас. У ўзининг ҳожати учун келган, холос», дейди. «Улар ҳаммажлислардир, уларнинг ҳаммажлислари ҳам бадбахт бўлмайди», дейди» (Бухорий ва Муслим ривояти).
43. У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун салавот айтади. Унинг фаришталари ҳам шундай. У мўминларга меҳрибондир.
Аллоҳ таолонинг бандаларга салавот айтиши У Зотнинг бандага бўлган фазлу карами ва раҳматини билдиради. Фаришталарнинг салавот айтиши эса бандага Аллоҳнинг раҳмати ёғилишини тилаб, дуо қилишларини англатади. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларининг зикрига муҳтож бўлмаса ҳам, инсонлар ўз фойдалари учун Уни зикр қилсалар ҳам, Парвардигор Ўзини кўп зикр қилган, эртаю кеч поклаб ёд этган бандаларига Ўзи салавот айтиб, фаришталарига ҳам салавот айтишни буюрмоқда. Гуноҳкор ва осий бўлса ҳам бандаларига Парвардигорлари томонидан бундан ортиқ ҳам меҳрибонлик бўлиши мумкинми?! Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ таоло: «Ким Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан, ким Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен уни унинг жамоатидан яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан», дейди». Яъни, «Яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан» дегани «Фаришталар ичида зикр қиламан», деганидир. Мужоҳид айтади: “Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салом айтади” ояти нозил бўлганида Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “(Эй Аллоҳнинг Расули), Аллоҳ таоло сизга бирор яхшилик берса, бизни ҳам шунга шерик қилар эди”, деди. Шунда ушбу оят нозил бўлди”.
44. Унга рўбарў бўладиган Кундаги сўрашишлари «Салом»дир. Улар учун гўзал мукофотни тайёрлаб қўйгандир.
Аллоҳни кўп зикр қиладиган, Уни эртаю кеч поклаб ёд этадиган ана шундай зокир бандаларга Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Унинг фаришталари салавот айтишидан ташқари уларнинг Парвардигорларига йўлиқадиган-рўпара бўладиган охиратдаги саломлашишлари ва сўрашишлари “Салом” бўлади. Аввало, улар салом бериб кутиб олинади, қолаверса, барча хавфу хатардан, қиёмат куни даҳшатларидан ва дўзах азобидан омонлик ато этилади. Шу билан бирга Аллоҳ таоло зикрни кўп айтувчи мўмин бандаларига гўзал мукофотни, жаннатни тайёрлаб қўйган. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида охиратда жаннат аҳлига ҳар томондан салом бўлиши айтилган ва бу билан салом жаннат неъматларидан бири экани таъкидланган. Ахир, жаннат аҳлига Аллоҳ субҳанаху ва таоло томонидан салом бўлиши жаннатнинг энг улкан неъмати бўлмай нима бўлиши мумкин?! Аллоҳ таоло айтади: «Роҳийм бўлган Парвардигордан «Салом» сўзи бордир» (Ёсин, 58). Жаннат аҳлига салом фаришталар томонидан ҳам бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра, уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр ҳилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу окрбат диёри крндай ҳам яхши!» (дерлар)» (Раъд, 23-24); «Ва Парвардигорларига тақво крлганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ ҳилиб олиб борилдилар. Унга етиб келган чоғлари-да, унинг эшиклари очилди ва қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Энди унга мангу ҳолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дейишади» (Зумар, 73). Қуръони каримда жаннат аҳлининг сўрашиши ҳам «салом» бўлиши алоҳида таъкидланган: «У ердаги дуолари: «Аллоҳим, Сени поклаб ёд этамиз» бўлур. У ердаги сўрашишлари «Салом»дир. Охирги дуолари эса: «Ҳамд Оламларнинг Парвардигори Аллоҳгадир» бўлади» (Юнус, 9010).
Шундан кейинги ояти карималарда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кишиларга нисбатан тутган мақомлари, у зотнинг вазифалари ва мўминлар устидаги фазллари баён қилинади:
45. Эй Пайғамбар, Биз сизни гувоҳ бўлувчи, хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи;
Ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим вазифалари ва сифатлари зикр қилинмоқда. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни барча пайғамбарларнинг қавмлари, бутун халойиқ устидан гувоҳлик берадилар. Гувоҳлик берганда ҳам, Аллоҳ таолонинг ҳузурида гувоҳлик берадилар. Одамлар у зот ҳақларида турли бўлмағур гап-сўзлар тарқатиш ўрнига у кишининг яхши гувоҳликларига эришиш ҳақида ўйлашса бўлмасмикин? Бундан ташқари, имон келтириб, комил ибодат ва солиҳ амал қилганларга ажру савоб, иззат-эҳтиром, икки дунё саодати ва жаннат ҳақида хушхабар берувчи ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Яна кофир, мунофиқ, осий, фосиқ, фожир кимсаларни дунё ва охиратдаги азоб-уқубатдан, икки дунё бадбахтлигидан, қиёмат куни шармандалиги ҳамда дўзах азобидан огоҳлантирувчи ҳам ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қиёмат куни Нуҳ чақирилади.У: «Лаббай, амрингга мунтазирман, эй Роббим!» дейди. У Зот «Етказдингми?» дейди. У: «Ҳа», дейди. Сўнг унинг умматига: «У сизга етказганмиди?» дейилади. Улар: «Бизга ҳеч қандай огоҳлантирувчи келгани йўқ», дейишади. У Зот «Сен учун ким гувоҳлик беради?» дейди. У: «Муҳаммад ва унинг уммати», дейди. Шунда сизлар унинг етказганлигига гувоҳлик берасизлар». Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги сўзи мана шудир: «Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) уммат қилдик» (Бухорий ривояти).
46. ва Ўзининг изни билан Аллоҳга даъват қилувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик.
Охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоху алайҳи васаллам одамларни Аллоҳга, Унинг динига даъват қилувчидирлар. Даъват қилганда ҳам ўзларича эмас, Аллоҳ таолонинг изни билан даъват қиладилар. Бу ишни Аллоҳ таолонинг Ўзи ихтиёр қилган, Ўзи изн берган, Ўзи буюрган. Муҳаммад соллаллоху алайҳи васаллам жоҳилият зулматларидан ҳидоят нурафшонлигига олиб чиқувчи порлоқ маёқ, нурли чироқдирлар. Турли зулматлар ичида йўлини топа олмай, уриниб-суриниб юрган кишиларни Исломнинг ёруғ йўлига бошлаб борувчи ёрқин чироқдирлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анхудан қуйидагилар ривоят қилинади: «Эй Набий, Биз сизни гувоҳлик берувчи, хушхабарчи ва огоҳлантирувчи... қилиб юбордик» ояти нозил бўлганида, у зот соллаллоху алайҳи васаллам Алий ва Муъоз розияллоху анҳуларни Яманга боришга буюрган эдилар. Бу икковларига: «Бораверинглар, хушхабар беринглар, нафратлантирадиган гапларни айтманглар, енгил олинглар, оғир олманглар. Менга «Эй Набий, албатта, Биз сизни гувоҳлик берувчи, хушхабарчи ва огоҳлантирувчи... қилиб юбордик» ояти нозил бўлди», дедилар» (Ибн Абу Ҳотим ривояти); Ато ибн Ясордан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоху анхумо билан кўришиб қолдим. «Менга Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларидан хабар беринг», дедим. У: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, у зот Қуръондаги баъзи сифатлари билан Тавротда ҳам сифатланганлар: «Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва уммийлар учун ҳимоя қўрғони қилиб юбордик. Сен бандамсан ва Расулимсан. Сени Мутаваккил деб номладим. У бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмас. У ёмонликни ёмонлик билан қайтармас, балки афв қилур ва кечирур. Аллоҳ унинг воситасида эгри (йўлдаги) миллатни «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дейдиган қилиб тўғриламагунча уни асло қабз қилмас. У билан кўр кўзларни, гунг қулоқларни ва берк қалбларни очади», деди» (Бухорий, Аҳмад ривояти).
47. Мўминларга Аллоҳдан улуғ фазл бўлиши ҳақида хушхабар беринг.
Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбарим, Аллоҳга имон келтириб, бу йўлдаги азиятларга сабр қилаётган, одамларни Аллоҳнинг тоатига чақираётган Пайғамбарга эргашувчи мўминларга Парвардигорлари томонидан улкан фазл, кўзни қувонтирадиган мукофотлар бўлиши ҳақида хушхабар беринг. Аллоҳ таолонинг биргина фазлига мушарраф бўлиш мўмин киши учун энг улуғ мукофотдир. Энди бундан ташқари мўминларга яна қандай мукофотлар тайёрлаб қўйганини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.
48. Кофир ва мунофиқларга итоат этманг ҳамда уларнинг азиятларига парво қилманг. Аллоҳга таваккул қилинг, вакил бўлишга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.
Яъни, эй Пайғамбар, кофир ва мунофиқ кимсаларнинг йўлига юрманг, уларга итоат қилманг, сизга душманликлари туфайли улар сизни ҳақ йўлдан чалғитиб, ўз йўлларига бошлашга уринишади. Улар бундан умид узгач, сизга турли йўллар билан азият етказишга ҳаракат қилишади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам улардан ўзингизни тортинг, фақат қудратли ва ҳикматли Парвардигорингизга юкунинг, Унга таваккул қилинг, ҳожатларингизни Унга ҳавола қилинг. Одамларнинг сизга нисабатан қилаётган душманликлари ва озорлари вақтинчалик нарса, сизни охиратда гўзал оқибат кутиб турибди. Золимларнинг зулмидан, мунофиқларнинг макридан, душманларнинг таъқиб-тазйиқидан, ҳасадгўйларнинг маломатидан фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳимоя қилади. Вакил бўлишга, ёрдамини беришга Аллоҳ таолонинг Ўзи кифоя қилади.
49. Эй имон келтирганлар! Мўминаларни никоҳлаб олсангиз-у, сўнгра қўл теккизмай туриб уларни талоқ қилсангиз, сизлар учун улар зиммасида саналадиган идда йўқдир. Демак, уларни баҳраманд қилиб, гўзал кузатиш билан кузатинглар.
Ушбу ояти каримадан бошлаб кишиларнинг оилавий ҳаёти ва уни Ислом таълимотлари асосида тартибга солиш борасидаги ҳукмлар баён қилиб берилади. Бу ояти каримада ақди никоҳдан кейин эр-хотинлик қилмай туриб бўладиган талоқ ҳақида сўз кетмоқда. Яъни, қайси мусулмон хотинини у билан қўшилмай туриб талоқ қилса, унга қўл теккизмай туриб ажрашадиган бўлса, маҳри белгиланган ҳолатларда унинг ярмини беради, маҳр тайин қилинмаган бўлса, урфга мувофиқ кийим-совғалар бериб, хурсандчилик билан жўнатади. Бундай совға шариат истилоҳида «мутъа» («баҳраманд қилувчи») дейилади. Энди хотин хоҳласа, тезда бошқа бир одамга никоҳланиши мумкин, унинг идда ўтириши шарт бўлмайди. Бу ҳолатлар ҳаётда оз бўлса-да, учраб туради. Куёв билан келин ўртасида никоҳ ўқилганидан сўнгулар бир-бирлари билан эр-хотин сифатида хилват жойда ёлғиз қолгунларича (хилвати саҳиҳа) ҳукмлар бир хил бўлади. Хилватда қолганларидан кейинги хукмлар эса бошқачага айланади. Бу оятда биринчи ҳолат муолажа қилинмоқда. Никоҳдан сўнг эр хотинини унга қўл теккизмай туриб, яъни икковлари эр-хотин сифатида хилватда ёлғиз қолмай туриб, талоқ қилса, келин идда ўтирмайди. Чунки идда эр-хотинликдаги ҳаётнинг ҳурмати ва бошқа нарсалар сабабидан жорий қилингандир. Ушбу ҳолатда эса бундай ҳолат юз бермади. Чунки улар бир лаҳза ҳам эр-хотин бўлиб бирга яшашмади. Мана шу иш содир бўлса, эр хотинини хафа қилмай, совғалар бериб, хурсандчилик билан уйига жўнатиши керак. Чунки аёл не-не яхши орзу-умидлар билан турмуш қурганида ўртага талоқ тушиши катта фожиа ва оғир дилхираликка айланади. Бунинг устига, бу хабарни эшитган одамлар ҳам «Фалончи нима учун никоҳдан сўнг дарҳол талоқ қилинибди, бирор айби бўлса керак-да» деган фикрга боришлари мумкин. Ўртадан шунга ўхшаш ноқулайликларни кўтариш учун Ислом шариатида никоҳдан сўнг қўл теккизмай туриб талоқ қилган эр келинга мутъа - совға бериши жорий этилган. Бу совға келиннинг маҳри тайин қилинмаган ҳолда берилиши вожибдир. Агар маҳри тайин қилинган бўлса, унда келин маҳрнинг ярмини олади. Исломда ҳар бир нарсанинг гўзал бўлишига катта эътибор берилади. Талоқ ўзи ҳалол бўлса ҳам яхши нарса эмас, катта ноқулайликларга сабаб бўлади. Аммо шуни ҳам шариатда гўзал ҳолда амалга ошириш буюрилмоқда. Уруш-жанжаллар билан, бир-бирини сўкиб-ҳақоратлаб, одамлар ичида шарманда қилиб эмас, гўзаллик билан, яхшилик билан, бир-бирининг хурматини жойига қўйиб ажралиш тавсия этилмоқда.
50. Эй Пайғамбар! Маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларни, сиз билан ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини, аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини, холаларингизнинг қизларини, яна бир мўмина ўзини Пзйғамбарга тортиқ қилса-ю, Пайғамбар уни ўз никоҳига олишни истаса, ҳаммаларини сизга ҳалол қилдик. Бу мўминлар учун эмас, махсус сиз учундир. Биз уларга жуфтлари ва қўлларида мулк бўлганлар ҳақида нимани фарз қилганимизни албатта биламиз, бу сизга танглик бўлмаслиги учундир. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Ушбу ояти каримада ва шундан кейин келадиган икки оятда Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламга қандай аёлларнинг никоҳи дуруст экани ҳақида, у зот соллаллоху алайҳи васаллам билан турмуш қурган ва қурадиган аёлларга тегишли масалалар тўғрисида сўз юритилади. Яъни, эй Пайғамбарим, маҳрларини бериб уйланган хотинларингизни, Аллоҳ томонидан сизга ўлжа қилиб берилган чўриларни (урушда асир тушган асираларни), сиз билан Мадинага кўчган амакингиз ва аммаларингизнинг, тоғангиз ва холаларингизнинг қизларини, шунингдек, бир мўмина ўзини Пайғамбарга тортиқ қилганида Пайғамбар унга уйланишни истаса уни ҳам, ҳаммаларини Биз сизга ҳалол қилдик, уларга уйланишга ҳеч қандай монеълик йўқ. Аммо бу рухсат, яъни бир мўмина ўзини Пайғамбарга тортиқ қилиши ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг унга уйланишлари фақат Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларигагина хосдир. Аллоҳ таоло бошқа мўминларга жуфтлари ва қўлларида мулк бўлган чўрилари ҳақида нималарни фарз қилганини Узи яхши билади. Яъни, мўминларга хотинлари ва чўрилари ҳақида Ўзимиз фарз қилган маҳр, гувоҳлар, ақди никоҳни Ўзимиз яхши биламиз, деяпти.
Буларнинг ҳаммаси Пайғамбар алайҳиссаломга танглик ва машаққат бўлмаслиги учун жорий этилаётган рухсатлардир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу оят нозил бўлган пайтдаги маҳрларини берган жуфтлари: Оиша розияллоҳу анҳо ҳазрати Абу Бакрнинг қизлари, Ҳафса розияллоҳу анҳо ҳазрати Умарнинг қизлари, Умму Ҳабиба розияллоху анҳо Абу Суфённинг қизлари, Умму Салама розияллоҳу анҳо Абу Умайянинг қизлари, Савда розияллоҳу анҳо Замъанинг қизлари, Зайнаб розияллоҳу анҳо Хузайманинг қизлари, Зайнаб розияллоҳу анҳо Жаҳшнинг қизлари, Жувайрия розияллоҳу анҳо Ҳориснинг қизлари ва София розияллоҳу анҳо Ҳайй ибн Ахтобнинг қизлари эдилар. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг аёллари орасида фақат Оиша онамизгина у зотга бокира ҳолларида турмушга чиққанлар. Қолган аёлларига эса Пайғамбар алайҳиссолату вассалом, турли сабаб ва ҳикматларга биноан, ёшлари олтмишлар атрофида бўлган пайтларида уйланганлар. Бунинг устига оналаримиздан кўплари ёш жиҳатидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан катта бўлишган. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига яна ўлжа қилиб олинган чўриларни ҳам ҳалол қилган эди. Ўша пайтдаги одатга кўра чўри хожасига хотин ўрнини ҳам босар эди. Урушда асир тушган аёллар чўри қилинарди. София ва Жувайрия оналаримиз урушда асир тушганлардан эдилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни чўри қилмай, олдин озод этиб, кейин никоҳлаб олдилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг Мория Қибтия исмли чўрилари бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Мория онамизни Миср подшоҳи Муқавқис ҳадя қилган эди. Мория розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Иброҳим исмли ўғил кўрганлар. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга амаки, амма, тоға, холаларининг Мадинага ҳижрат қилган қизларини ҳалол қилди, ҳижрат қилмаган қизларига уйланиш мумкин эмас. Бу ерда никоҳи ҳалоллар билдириб қўйиляпти, холос, буйруқ қилинаётгани йўқ. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Пайғамбаримиз бу тоифанинг фақат биттасига - Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганлар. Бу ерда аслида Аллоҳнинг йўлида, дин-диёнат йўлида қилинган ҳаракат - ҳижратнинг ҳурмати юқори кўтарилмоқда, холос. Ўзини Пайғамбар алайҳиссаломга тортиқ қилган ва у зот уйланишга рози бўлган аёллар хусусида айтилаётган гап валийсиз, маҳрсиз ва гувоҳсиз никоҳлаб олиш ҳақида кетмоқда. Агар бирор мўмина аёл ўз нафсини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя этса, у зот ўша аёлни никоҳлаб олишни хоҳласалар, валийсиз, маҳрсиз ва гувоҳсиз никоҳлаб олишлари мумкин. Лекин бундай никоҳ мўминларга мумкин эмас. Улар фақат валий, маҳр ва гувоҳ билан никоҳланишлари мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпгина аёллар ўз нафсларини ҳадя этганлар. Умму Шарийк, Хавла бинти Ҳаким, Лайло бинти Хотим розияллоху анҳолар шулар жумласидандир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам уларнинг биронтасига ҳам уйланмаганлар.
51. Улардан хоҳлаганингизни четлатиб, хоҳлаганингизни ўзингизга хамхона қиласиз. Ўзингиз четлатган аёллардан бирортасини истасангиз, сизга гуноҳ бўлмайди. Бу уларнинг кўзлари қувнашига, хафа бўлмасликларига ва барчаларининг сиз уларга берган нарсадан рози бўлишларига яқинроқдир. Аллоҳ дилларингиздаги нарсани билади, Аллоҳ билувчидир, ҳилмлидир.
Яъни, эй Пайғамбар, хотинларингиздан қай бирини хоҳласангиз, унинг навбатини кейинга қўясиз, истаганингизни эса ўзингизга хамхона қиласиз. Қай бирини хоҳласангиз, унинг ҳузурига навбатдан ташқари борасиз. Агар бирор хотингизни ўзингиздан четлатиб, алоҳида қилган бўлсангиз, у билан яна муносабатларингизни қайтадан тиклаб олишингиз мумкин. Ушбу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикр этилган аёллар билан қандай муомалада бўлишлари баён қилинмоқда. Юқоридаги оятда асосан маҳрларини бериб, никоҳлаб олган завжаи мутоҳҳаралари, амаки, амма, тоға, холаларнинг ҳижрат қилган қизлари ва ўз нафсини ҳадя этган мўминалар ва чўрилар ҳақида гап борган ва Аллоҳ улардан хоҳлаганларини нари қилиб, хоҳлаганларини ўзларига олишни Пайғамбар алайҳиссаломга буюрмоқда. Шу ерда бир нарсага эътибор қаратиш лозим. Оятдаги “улардан” сўзида ўз нафсларини ҳадя қилган мўминалар назарда тутилган бўлганида, «ўз нафсини ҳадя қилган аёллардан хоҳлаганингизни қабул этиб, хотин қилиб оласиз» маъноси чиқар эди. Аммо уларнинг бирортасини ҳам қабул қилмаганлари юқорида айтиб ўтилди. Демак, бу жумладаги ҳукм фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу оят нозил бўлган пайтдаги завжаи мутоҳҳараларига хос бўлиб қолади. Баъзи уламолар ушбу оятдан «аёлларингиздан хоҳлаганингизни талоқ қиласиз, хоҳлаганингизни талоқ қилмай, олиб қоласиз» деган маъно чиқаришган. Аммо кейинги оят бу фикрни рад этади. Шунинг учун ҳам кўпчиликуламолар: «Бу рухсат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз завжаи мутоҳҳаралари билан бирга ётиш тақсимларида у зотга хоҳлаганча йўл тутиш ихтиёри берилганини ифода этади», дейишади. Яъни, «Завжаларингиздан бирортасининг навбати келса ҳам олдига кирмай, нари қўйиб, хоҳлаганингиз билан навбати келмаса ҳам бирга ётасиз» деганидир», дейишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллариникида навбати билан тунар эдилар. Мабодо, навбатни бузишга эҳтиёж чиқиб қолса, навбати келган онамиздан «Фалончининг олдида тунашимга изн берасанми?» деб сўрар эдилар. Бу оятда эса сўрамасдан ҳам ўзлари нимани истасалар, шуни қилаверишга ҳақлари бор экани баён қилинмоқда. «Ўзингиз четлатган аёллардан бирортасини истасангиз, сизга гуноҳ бўлмайди» жумласини ҳам фараз маъносида оладиган бўлсак, ундан «ўз нафсини ҳадя қилган аёлни олдин рад этиб, кейин яна хоҳлаб олганингиз сизга гуноҳ бўлмайди» маъноси чиқади. Ёки «завжаларингиздан бирортасига навбатида кирмай қўйган бўлсангиз, истаган пайтингизда кираверасиз» деган маъно тушунилади. Чунки бу ишларни Аллоҳнинг амри билан қилаётганингизни билганларидан кейин аёлларингизнинг кўзлари қувончга тўлади, хафа бўлмайдилар ва рози бўладилар. Аллоҳ дилларингиздаги нарсаларни ҳам билиб тургани учун ушбу ҳукмларни жорий қилади.
Муфассирлар шундай ёзишади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи аёллари рашк қилиб у кишига азият етказишди ва кўпроқ нафақа талаб қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ой, то ихтиёр бериш ояти нозил бўлгунича улардан узоқ бўлдилар. Аллоҳ таоло дунё ёки охиратни танлашни уларга ихтиёрли қилди. Дунёни танлаганларни холи қўйишни, Аллоҳ таоло ва Унинг Расулини танлаганларни олиб қолишни буюрди. Улар мўминларнинг оналари бўлиб, ҳеч қачон бошқа никоҳланмайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хоҳлаганларини ўзларига ҳамхона қиладилар, хоҳлаганларини эса навбатини ортга сурадилар - қолдирадилар. Улар бунга рози бўлишлари керак. У киши улар учун улуш ажратадиларми ёки йўқми, ёки баъзисини баъзисидан нафақада, улушда ва яқинлиқца афзал кўрадиларми, ихтиёр ўзларида, хоҳлаганларини қиладилар. Шуларнинг ҳаммасига улар рози бўлишади. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шунча кенглик берган бўлса ҳам, у киши улар ўртасида тенглик билан тақсимот қилдилар.
Уламолар айтишади: “Ихтиёр бериш ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари талоқ қилишларидан қўрқишди ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, молингиз ва танингиздан ўзингиз хоҳлаганча бизга беринг (майли, биз розимиз). Бизни шу ҳолимизда (яъни никоҳингизда) қолдиринг”, дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди”. Ҳишом ибн Урва отасидан, у киши Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига: “Аёл киши ўз нафсини бағишлашга ҳаё қилмайдими?” дер эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Ҳазрати Оиша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Парвардигорингиз хоҳишингизни жуда тез ҳал қилиб берди”, деди (Бухорий ва Муслим ривояти).
52. Сизга бундан бошқа хотинлар ҳам, гарчи ҳусни қизиқтирса-да, уларни бошқасига алмаштиришингиз ҳалол бўлмайди. Кўл остингиздаги чўрилар мустасно. Аллоҳ ҳамма нарсани кузатиб турувчидир.
Эй Пайғамбар, энди сиз билан никоҳдаги хотинларингиздан бошқа аёллар ҳам, гарчи уларнинг хусни сизни қизиқтириб турса-да, никоҳингиздагиларни талоқ қилиб уларга уйланишингиз ҳам ҳалол бўлмайди. Фақат қўл остингиздаги чўрилар бундан мустасно. Бу рухсатга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни икки нафаргина чўрилари бўлган, бири ўғиллари Иброҳимнинг онаси Мория Қибтия, иккинчиси Райҳона. Аллоҳ ҳамма нарсани кузатиб турувчидир, шу боис Унинг ҳукмларини бажаришда қатъиятли бўлинг.
Ушбу ояти карима борасида Ибн Касир тафсирида шундай ёзилган: «Кўпгина уламолар, жумладан, Ибн Аббос, Мужоҳид, Заҳҳок, Қатода, Ибн Зайд, Ибн Жарир ва бошқалар: «Ушбу оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларини мукофотлаш учун, улардан рози бўлганлик аломати сифатида нозил бўлган”, дейишади. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан икки нарсадан бирини ихтиёр қилишни талаб қилганларида гўзал йўл тутиб, Аллоҳни, Унинг Расулини ва охират диёрини ихтиёр қилганлари учун мукофотдир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ихтиёр қилишганида бунинг мукофоти учун Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни уларга боғлаб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга улардан бошқага уйланишни ёки уларнинг ўрнини бошқа аёл билан алмаштиришни ҳаром қилиб қўйди, мабодо ўша бошқа аёлларнинг ҳусни у зотни қизиқтирса ҳам рухсат берилмади. Фақат чўрилар ва асиралар бўлса, бунда у зот соллаллоху алайҳи васалламга танглик йўқ эди».
Бошқа муфассирлар эса шундай дейишади: «Мўминларнинг оналари бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатларини хоҳламай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ихтиёр қилганлари учун Аллоҳ таоло уларни уч нарса билан мукофотлади: биринчиси - улар ҳамма аёллардан устун қўйилди. Аллоҳ таоло уларга: «Сизлар бошқа аёллардан бирортасига ўхшамайсиз», деди; иккинчиси - улар «мўминларнинг оналари» деб эълон қилинди; учинчиси - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уларни талоқ қилиш, уларни бошқаларга алмаштириш ман этилди”. У зотга фақат чўриларни сақлашга рухсат берилди. Уламоларнинг таъкидлашларича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Мория Қибтия онамиз ушбу ояти карима нозил қилинганидан сўнг ҳадя этилган.
Ўрни келганида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўрттадан кўп хотинли бўлганлари катта маломат ва иғво, фисқ-фужурларга сабаб қилинаётгани хусусида бироз кенгроқ маълумот бериб ўтишни тақозо қилади. Расули акрамнинг бир неча хотинга уйланишлари сабаблари ва ҳикматини тушунмай, у зотни “хотинбозлик”да айблаш ғарб олимларининг туҳматларидан бир кўринишдир. Айрим “диншунос”лар, масалан, англиялик Лора Хелин Собриж ўзининг “Аёл орзуси ва унинг миссияси” китобида бир неча хотинга уйланишларининг асосий сабаби қилиб у зотнинг бундан кўзлаган мақсадлари шаҳвоний истакларини қондириш бўлган холос, деб иддао қилади. Ваҳоланки, ана шу аёлларнинг (ҳазрати Оишадан ташқари) барчалари олдин турмуш қилган, эрлари ўлган ёки эр мушриклиги учун ундан ажрашишган бева хонимлар эди. Агар Пайғамбар алайҳиссалом шаҳват кетидан қувганларида ёки ўз ҳузур-ҳаловатларини ўйлаганларида бир неча болали, бева аёлларга эмас, бокира, турмуш қурмаган ёш қизларга йигитлик чоғларида хоҳлаганча уйланган бўлардилар. Ваҳоланки, ўша пайтда араблар-да ўнтадан-йигирматадан аёлга уйланиш одатий ҳол эди. Аслида у зотнинг кўп аёлларга никоҳланишларининг асосида бир қанча сиёсий, иқтисодий, ахлоқий ва бошқа сабаблари бор эди. Пайғамбаримиз энг яқин ёрдамчилари ва қўллаб турувчиларидан ажраб қолгач, одамларни Исломга даъват қилиш учун ўз тарафдорларини кўпайтириш, янада қувватланиш учун баъзи обрўли одамлар, масалан Абу Бакр Сиддиқ ҳамда Умар ибн Хаттобнинг қизларига уйланиш орқали бу икки саҳобий Пайғамбаримизнинг энг яқин сафдошларига, кейинчалик эса Ислом давлатининг раҳбарларига айланишди. Фахри коинот турли сабабларга кўра қарайдиган ёрдамчиси, боқувчиси қолмаган, эрлари вафот этиб тул қолган бева аёлларга меҳрибончилик, раҳмдиллик кўрсатиш учун уларни ўз қарамоғларига олиб ҳам уйланганлар. Дин даъвати одамлар қалбидан жой олиши учун улар билан яқинлашиш, дўст тутиниш, ўзаро муносабатларни кучайтириш керак эди. Пайғамбар алайҳиссалом баъзи аёлларига уйланиш орқали кўплаб одамларнинг қалбини ўзларига улфат қилиб-яқинлаштирдилар. Бошқа баъзи хотинлари сабабидан одамлардан ўзларига етадиган азият ва душманчиликларни даф этдилар. Шунингдек, айрим хотинларига уйланиб, уларни мушриклик, қашшоқлик, хорлик каби ҳалокатли ишлардан қутқариб қолдилар. Пайғамбаримиз бу аёлларнинг ҳар бири Исломга чорловчи, одамларга ҳалол-ҳаромни баён қилувчи, диний ишларда фатволар чиқариб, таълим берувчи жонли мадрасалар бўлишини ният қилган эдилар ва шундай бўлди ҳам. Пайғамбаримизнинг Миср ҳукмдори ҳадя сифатида юборган Морияи қибтияга уйланишларининг яна бир ҳикмати яқинда кашф бўлди. Миср православ насронийлар (қибтийлар) черковининг раҳбарларидан бири, Миср Шўро Кенгашининг ахборот, маданият ва сайёҳлик қўмитаси раиси доктор Набил Луқо Бобовий «Насроний Муҳаммадни (с.а.в.) ҳимоя қилади» деган каттагина китоб ёзди. Китоб муқовасида «Унинг номига қараб отилган ханжарларга жавобимиз» деган тагсарлавҳа ҳам қўйилган.
Қолаверса, инсоният тарихидан яхши маълумки, кўп хотинлилик Исломдан олдин, жоҳилият замонида кенг урф бўлган. Ўнтагача уйланиш одатий ҳол эди. Масалан, тарихчилар Чингизхоннинг мингтагача хотинга уйланганини ёзишади. Форс ҳукмдорларидан бирининг ҳам мингта хотини бўлган. Ўрис подшоҳи Иван Грознийнинг тўққизта расмий хотини бўлган, ўнлаб канизаклар бу ҳисобга кирмайди. Оврупадаги ҳукмдорлар, аслзода ва бадавлат кишилар ҳам Иван Грознийдан қолишмаган. Дунёнинг ҳамма ерида, ҳатто жоҳилият замонидаги Араб жазирасида ҳам кишилар ўнталаб-йигирма талаб аёлга уйланишган.
Бу туҳматларга уламоларимиз жуда қониқарли жавоблар беришган. Аввало, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари у зот алайҳиссалом олтмиш ёшга яқинлашиб қолганларида кўпайган. Бу ҳол ҳам маълум ҳикматлар юзасидан бўлган. Қолаверса, оналаримизнинг кўплари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан катта ёшда бўлишган. Энди ўйлаб кўрайлик, олтмишга яқинлашиб қолган одам шаҳвоний ишларни ўйласа, ўзидан катта ёшдаги кампирга уйланадими?! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик чоғларида уйланган биринчи аёллари Хадича розияллоҳу анҳо у кишидан ўн беш ёш катта бўлганлар. У кишининг ёшликлари худди шу онамиз билан бирга кечган. Ҳазрати Хадича вафот этганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эллик ёшда эдилар. Оиша онамиздан бошқа оналаримиз Набий алайҳиссалламга завжа бўлишларидан аввал бир ёки бир нечта эрга текканлар. Шаҳватга берилган одам шундай қиладими?
Турли ижтимоий, сиёсий, таълимий, қонуний ва бошқа ҳикматларга кўра, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари сони тўққизтага етган бўлса, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Аввало, дин таълимотлари ва ҳукмларини мусулмон умматининг аёлларига етказиш ва пайғамбарлик хонадонини бошқариб туриш учун аёлларнинг сони тўртта эмас, кўпроқ бўлгани маъқул кўрилган. Қолаверса, Исломдан олдин хотинлар сони чегараланмаган эди. Ким нечтага хоҳласа, шунчага уйланаверарди. Бу борада Ислом бир эркак кишининг бир вақтнингўзида тўрттадан ортиқ аёлга уйланмаслигига ҳукм қилди. Бу чегарани Қуръони карим белгилаб қўйди. Бу ҳақда Нисо сурасидаги оят нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари тўққизта эди. Уларнинг ҳар бири Аллоҳ томонидан «мўминларнинг онаси» деб сифатлаб қўйилган эди. Бунинг устига, мабодо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан баъзиларини тўрттадан ортиқлиги учун талоқ қилсалар, бошқа эрга тегишлари мумкин эмас эди. Аллоҳ буни ман қилган. Уларга уйланишларидан кўзланган ҳикмат ҳам ботилга айланар эди. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг Ўзи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бу ҳукмдан истисно қилди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари кўп бўлишининг турли ҳикматлари борлиги аввал ҳам айтиб ўтилди. Бу ҳикматлар икки турга бўлинади: умумий ҳикматлар ва хусусий ҳикматлар. Умумий ҳикматлар қуйидагилардан иборат:
1. Таълим-тарбияга оид ҳикматлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари сонининг кўп бўлиши асосан Ислом уммати аёллари учун дину диёнат ва шариат аҳкомларини ўргатувчи устозлар тайёрлаш билан боғлиқ бўлган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг рисолатини аёлларга тўкис етказишда оналаримиз катта хизмат қилишди, бу ишни шараф билан уддалашди. Масалан, Набий соллаллоху алайҳи васалламдан энг кўп ҳадис ривоят қилган киши Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бўлсалар, иккинчи ўринда Оиша онамиз турадилар.
2. Шариат қонунларини жорий қилиш билан боғлиқ ҳикматлар: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари кўп бўлишининг яна бир ҳикмати баъзи шаръий ҳукмларни жорий қилишда кўринади. Бунга ушбу сурада ўрганиб ўтган оятларимиз ёрқин мисолдир.
3. Ижтимоий ҳикматлар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари кўп бўлишининг умумий ҳикматларидан яна бири ижтимоий масалаларда кўринади. Масалан, у зотнинг Оиша розияллоҳу анҳога уйланишларида ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Ислом учун, Пайғамбар алайҳиссалом учун қилган фидокорликларини тақдирлаш, ўртадаги алоқани янада мустаҳкамлаш ҳикмати бор.
4. Сиёсий ҳикматлар: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи аёлларга уйланишларида сиёсий ҳикматлар ҳам бор. У зотнинг баъзи аёлларга уйланишлари натижасида баъзи қабилалар, жамоа ва тоифалар Исломга кириб, мусулмонларга қувват бўлишган. Сийрат китобларидан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида жами ўн бир нафар аёл билан никоҳланганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз покиза завжаларига нисбатан алоқалари ва мақомлари баён қилинганидан сўнг келгуси оятларда мўмин-мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда у зотнинг завжаи мутоҳҳараларига қандай муомалада бўлишлари лозимлиги васф қилинади:
53. Эй имон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига сизларни бирор таомга чақирилсагина киринглар, шунда ҳам уни кутиб турувчи бўлманглар. Агар чақирилсангиз, киринглар-да, таомни еб бўлишингиз билан гапга тушмай тарқалиб кетинглар. Бундай қилишингиз Пайғамбарга озор беради, у эса сизлардан уялади, Аллоҳ ҳақдан уялмайди. Улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилишингиз сизларнинг дилларингиз учун ҳам, уларнинг диллари учун ҳам покликдир. Сизларга Аллоҳнинг Расулига озор бериш ва ундан кейин унинг завжаларини никоҳингизга олишингиз асло мумкин эмас. Бундай қилишингиз Аллоҳ наздида улкан(гуноҳ)дир».
Муфассирлар ушбу ояти кариманинг нозил бўлишига сабаб сифатида қуйидаги ривоятни келтиришади: машҳур саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланган кунлари нималар бўлгани ҳақида қуйидагиларни айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланиб, ўз аҳлларининг ҳузурига кирганларида, онам хийс деган таом тайёрлаб, бир идишга солдилар-да шундай дедилар: «Эй Анас, мана буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб боргинда, «Буни сизга онам бериб юборди, у киши сизга салом айтдилар ва мана шу озгина нарса биздан сизга” деб айтдилар», дегин». Мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бориб: “Онам сизга салом айтдилар ва мана шу озгина нарса биздан сизга, деб айтдилар”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни ерга қўй”, дедилар ва: “Энди бориб, Фалончи, Фалончиларни ва йўлда учратган одамларингни ҳам айтиб кел”, деб бир қанча одамнинг исмларини айтдилар. Мен у зот айтган одамларни ва йўлда учратганларимни чақириб келдим (Одамлар: «Неча киши эди?» деб сўрашганида Анас розияллоҳу анҳу: «Уч юз кишича бор эди», деган). Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Анас, таомни олиб кел”, дедилар. Суффа ва ҳужра одамларга тўлиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўнта-ўнтадан халқа бўлиб ўтиринглар, ҳар ким ўз олдидан есин”, дедилар. Ҳаммалари еб, тўйишди. Бир гуруҳ чиқиб, бошқа бири кириб, ҳамма еди. Сўнг менга: “Эй Анас, идишни кўтар”, дедилар. Олиб келиб қўйганимда кўпмиди ёки қайтариб олганимдами, билмайман. Келганлардан баъзи гуруҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ўтириб, узоқ гаплашиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўтирдилар. Аёллари эса юзини деворга ўгириб ўтирарди. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир келганидан ташқарига чиқиб, аёлларига салом бериб, кирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтиб келганларини кўрган чоғларида ўтирганлар у зотнинг оғир олганлари-ни билиб, ҳаммалари эшиктомон юриб чиқиб кетишди. Расулуллоҳ пардани тушириб, ичкарига кирдилар, мен ҳужрада ўтирар эдим. Сал ўтмай, олдимга чиқдилар. Аллоҳ у кишига: «Эй имон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига кирманг...» оятини нозил қилди. Расулуллоҳ ташқарига чиқиб, одамларга ўқиб бердилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ояти орқали Пайғамбар атрофидаги саҳобаларга хитоб қилиб айтяптики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига сиз учун таомга изн берилганида таом пишишини кутиб ўтирмайдиган бўлиб киринг. Бошқача айтганда, пишиб, тайёр бўлиб турган таомни тановул қилиш учун изн берилганида киринг. Сизга изн берилганида киришингиз билан таомни еб, қайтиб чиқиб кетинг. Овқатни еб бўлиб ҳам суҳбат қуриш учун гапни чўзиб ўтирманг. Бу ишингиз билан Аллоҳнинг Расулига озор беришингиз мумкин”. Чунки у зотўз аҳллари билан қолишлари, зиммаларидаги вазифаларни адо этишлари лозим эди. Одамлар буни эътиборга олмай, бемалол гаплашиб ўтиришибди. Бу ҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир келиши, озор бериши мумкин. Чунки у зот саҳобаларидан ҳаё қилиб, уларга “Энди чиқиб кетинглар” деб айта олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бирор нарсани сўрамоқчи бўлсангиз, уларнинг олдиларига кириб эмас, парда ортида туриб сўранг. Мусулмонларнинг одоби мана шундай бўлиши, эркак-аёлнинг аралаш бўлиши оқибатида келиб чиқадиган турли мусибатлардан, бало-офатлардан холи бўлмоғи лозим. Эркак киши билан номаҳрам аёл орасида парда-тўсиқ бўлмаса, қалбларнинг поклигига путур етади, турли кўнгилсизликлар келиб чиқади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бирор нарсани сўраганда парда ортидан сўрашни буюрмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин ҳам ҳеч ким у зотнинг завжаи мутоҳҳараларидан бирортасига уйлана олмайди, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин у зотнинг хотинларига уйланиш Аллоҳ наздида улкан гуноҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ҳурмат ва эъзозга мушарраф зотдир. Баъзи бир мунофиқлар «Муҳаммад вафот этганидан кейин, Фалончи хотинига уйланаман» деган ҳам экан. Аллоҳ таоло ана шунга ўхшаш ўй-хаёлларга ҳам барҳам бериб, бу масалада гапни узил-кесил ҳал қилиб қўйди. Пайғамбаримиздан кейин ҳеч ким, ҳеч қачон у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига уйлана олмаслигини эълон қилди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У киши ҳужраларидан бирининг олдидан ўтдилар. У ерда гаплашиб ўтиришган одамларни кўриб, ҳужрага қайтиб кирдилар ва менинг олдимга тўсиқ ташладилар. Шунда мен Абу Талҳанинг олдига бориб, воқеани унга айтдим. Шунда у: “Агар сен айтаётган нарса ҳақ бўлса, Аллоҳ албатта бу ҳақда Қуръонда нозил қилади”, деди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди”.
Яна Анас ибн Молик ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб шундай деди: “Мен: Эй Аллоҳнинг Расули, олдингизга яхши одам ҳам, ёмон одам ҳам киради. Мўминларнинг оналарини ҳижобга буюрсангиз бўлмайдими?” дедим. Шунда Аллоҳ таоло ҳижоб оятини нозил қилди (Бухорий ривояти).
Мужоҳиддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга баъзи саҳобалари ҳам таомланишарди.
Улардан бирининг қўли Оишанинг қўлига тегиб кетди. Оиша ҳам улар билан бирга эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни ёқтирмадилар. Шунда Аллоҳ таоло ҳижоб оятини нозил қилди”.
54. Агар бирор нарсани ошкор қилсангиз ҳам ёки яширин қилсангиз ҳам Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.
Яъни, ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин у зотнинг аёлларига уйланаман, деб ўйлаб юрибди, ким бу ҳақда гапириб юрибди, буларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло яхши билади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг у зотнинг покиза аёлларига уйланишни ҳаммага ман қилди. Атонинг ривоятида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг шундай дегани келтирилади: “Қурайш саййидларидан бир киши: “Муҳаммад вафот этса, мен албатта Оишага уйланаман”, деди. Шунда Аллоҳ нозил қилган нарсасини нозил қилди”.
Юқорида мўминларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари билан фақат ҳижоб-парда ортида туриб муомала қилишга рухсат берилди. Қуйидаги оятда эса мўминларнинг оналарига пардасиз муомала қилишларига рухсат берилган тоифалар ҳақида сўз кетади:
55. Ўз оталари, ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларининг ўғиллари, аёлларга ва қўл остидагиларга (ҳижобсиз кўринишда) уларга гуноҳ йўқдир. (Эй Пайғамбар аёллари), Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳдир.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўминлар оналари, яъни Пайғамбар алайҳиссаломнинг покиза завжаларига пардасиз кўринишга ижозат берилган тоифаларни келтирмоқда. Шунга кўра, оятда зикр қилинган шахслар мўминларнинг оналари билан парда - ҳижоб ортида туриб эмас, ҳижобсиз муомала қилаверишлари мумкин. Бу ўринда амаки ва тоғалар зикр этилмаса ҳам, уламолар уларнинг худди шу тоифага киришларини таъкидлаб ўтишган ва «оталари» жумласига боболари, амакилари ва тоғалари ҳам қўшилишини айтишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза завжаларига хос бу хукмга биноан, улар фақат ушбу оятда зикр қилинганларга ҳижобсиз кўринишлари мумкин бўлган. Шунинг учун аллома Бадриддин Айний «Умдатул Қорий» китобида келтирганидек, ҳазрати Умар розияллоҳу анху вафот қилганларида Ҳафса розияллоҳу анҳо оталарининг жанозасига чиқишга мажбур бўлган. Шунда у кишининг атрофига парда тўсиб юришган, Ҳафса розияллоҳу анҳо парда ичида чиққан. Уламолар «Ояти каримадаги «ўз аёллари» деган жумладан мўмина-муслима аёллар англашилади, шунинг учун мўминларнинг оналари кофира, мушрика аёлларга ҳам кўринишлари мумкин бўлмаган», дейишди. Шундан келиб чиқиб, мўминларнинг оналари ҳам, мўмина ва муслималар ҳам бу борада ҳамиша эҳтиёткорлик кўрсатиш, ўз шарафларини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари шарафини улуғлаш учун доимо тақвода бардавом бўлишлари зарур. Шунинг учун Аллоҳ таоло оят давомида оналаримизга хитоб қилиб: «Аллоҳдан қўрқинглар, яъни Унга тақво қилинглар. Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳдир», демоқда. Бу ишларнинг барчасида тақво энг муҳим омил ҳисобланади. Агар тақво бўлмаса, парда-ҳижобларнинг ҳам фойдаси йўқ. Бундай ишларда Аллоҳ ҳар бир нарсага гувоҳ эканини доимо ҳис этиб турилмаса, парда-тўсиқлар қанчалар қалин бўлса ҳам бирор иш бериши қийин.
56. Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга албатта салавот айтишади. Эй имон келтирганлар, унга салавот ва салом йўлланглар.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримаси орқали Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Ўз ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор таъкидламоқда. Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни буюрмоқда. Араб тилида «салавот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, «дуо» маъносини англатади. Араб тилида намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишининг маъноси у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади. Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади. Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари эса улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.
Аллоҳ таоло имон келтирган бандаларига Ўз Пайғамбари Муҳам-мад алайҳиссаломга салавот ва саломлар йўллашни буюрмоқда. Бу амрга биноан, ҳар бир мўмин учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламолар «Умрда бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари ҳар зикр қилинганида бир марта салавот айтиш керак», дейишган. Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: «Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом беришни-ку, биламиз, аммо салавот айтиш қандай бўлади?» деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадив ва ъалаа аали Муҳаммад. Кама соллайта ъалаа Иброҳийма ва ала аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадив ва ъалаа аали Муҳаммад. Кама барокта ъалаа Иброҳийма ва ъалаа аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд», деб айт», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). (Маъноси: Аллоҳим! Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтига Ўз раҳматингни нозил қилганингдек, Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оила аъзоларига Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин! Албатта, Сен мақталган, улуғланган Зотсан! Аллоҳим! Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтига Ўз баракангни нозил қилганингдек, Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оила аъзоларига Ўз баракангни нозил қилгин! Албатта, Сен мақталган, улуғланган Зотсан).
Баъзилар “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи салавот айтиб турса, Унинг фаришталари салавот айтиб турса, мўминларнинг салавотига нима ҳожат бор?” деб ҳам ўйлашлари мумкин. Аслида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларнинг салавотига эҳтиёжлари йўқ, балки мўминлар у зотга салавот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу салавотлари орқали Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар, дуолари қабул бўлади, муродларига етишади. Омир ибн Робиъанинг отаси қуйидагиларни айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга салавот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган салавотининг баробарида салавот айтиб турадилар. Банда салавотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп», деганларини эшитганман» (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти). Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади», деганлар. Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амридир. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади. Имом Шофеъий: «Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар. Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан шундай ривоят келтирилади: «Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: “Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз!” дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, Парвардигоринг: «Ким сенга салавот айтса, Менинг унга ўн марта салавот айтишим, ким сенга салом айтса, Менинг унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайди-ми?» деди», деб хабар бердилар» (Насоий ва Аҳмад ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир», деганлар (Термизий ривояти).
Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганида у зотга салавот айтилмаса, бу мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: «Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, ўша одам бахилдир», - деганлар (Термизий ва Насоий ривояти).
57. Аллоҳга, Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ дунё ва охиратда лаънатлайди ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйгандир.
Куфр келтирган кимсаларнинг одамларни Исломдан қайтариш, дин ва мусулмонлар шаънига бўҳтон ва туҳмат гапларни тарқатиш орқали Аллоҳ таолога, Унинг Расулига озор беришлари албатта жазосиз қолмайди: улар дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳнинг лаънатига учрашади, улар Парвардигорнинг лутфу марҳаматидан бебаҳра қолишади, қиёматда улар учун дўзахда аламли ва хорловчи азоб-қийноқлар тайёрлаб қўйилган. Аллоҳга озор бериш - Аллоҳга куфр, ширк келтириш, Унга осий бўлиш, Уни ўзига мос бўлмаган сифатлар билан сифатлаш, динга, пайғамбарларига, китобларига тил теккизиш каби ёмон амаллардир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бериш эса ўша вақтда у зотга қарши чиқиш, жисмоний ва маънавий зарба бериш, шахсларига, оилалари ва умматларига нисбатан ёмонлик қилиш, иғво, бўҳтон қилишдан иборатдир. Ҳозирда ҳам худди шундай: ким у зотнинг шахсларига, динларига, шариатларига, оилаларига, китобларига, суннатларига, умматларига тил теккизса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга озор берган бўлади.
58. Ҳеч нарса қилишмаса ҳам мўмин ва мўминаларга озор берадиганлар ҳақиқатан очиқ бўҳтон ва гуноҳни ўзларига олган бўлишади.
Имонли киши Аллоҳ таоло наздида энг қадри улуғ, мартабаси олий, шарафи юксак инсондир. Аллоҳ таоло бундай инсонларнинг валийси, ҳомийси, ҳимоя қилувчиси эканини таъкидлаб, ҳеч бир айбсиз мўмин ва мўминаларга озор берувчи кимсаларни дунё ва охиратда қаттиқ жазолашини эълон қилмоқда. Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасаларда имон аҳлига озор берадиган кимсалар ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни устларига юклаб олган бўлишади. Бу ишнинг нақадар ёмонлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир неча ҳадислар ривоят қилинган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса - беодоблиги-уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган ёки одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир» (Бухорий ва Муслим ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна шундай ҳадислари бор: «Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир» (Термизий ривояти); «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди». Сўнг: «Тақво мана бу ердадир», дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва: «Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир», дедилар (Муслим ривояти); Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан: “Аллоҳнинг наздида энг ёмон рибо нима?” деб сўрадилар. Улар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билади”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг эътиборидаги энг ёмон рибо мусулмон кишининг обрўсини тўкишни ўзига эп кўришдир, дедилар» (Ибн Абу Ҳотим ривояти); Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир» (Бухорий ва Муслим ривояти). Шунга биноан, ҳеч ким бировнинг қилмаган нуқсони ёки жинояти учун айблашга асло ҳаққи йўқ. Агар бу ҳолатда жабрланувчи маҳкамага шикоят қилса, шариат хукми бўйича айбловчидан у даъво қилаётган айбни далил-ҳужжат билан исботлаб бериш талаб этилади. Исбот қилиб бера олмаса, унга туҳматчи сифатида белгиланган жазо берилади. Ислом дини инсон шахсини камситадиган ҳар бир нарсани, жумладан, масхара қилиш, бировнинг нуқсонига имо-ишора қилиш, кишиларга лақаб қўйиш каби ишларни ҳам ҳаром қилган.
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида бир неча ривоятлар келтирилган: Атонинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, “Умар розияллоҳу анҳу ансорлардан бир жориянинг ясан-тусан билан ўзини кўз-кўз қилиб юрганини кўриб, уни урди. Унинг зийнатланиб юришини ёмон кўрди. Жория аҳлига бориб, Умардан шикоят қилди. Улар Умарнинг олдига бориб, унга азият етказдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”. Муқотил айтади: “Бу оят Алий ибн Абу Толиб ҳақида нозил бўлган. Мунофиқ кишилар унга азият беришар ва обрўсини тўкишар эди”. Заҳҳок, Суддий ва Калбийлардан ривоят қилинишича, “Бу оят Мадина кўчаларида юрадиган зинокорлар ҳақида нозил бўлган. Агар аёллар ҳожат ўташ учун кечаси чиқишса, уларга эргашишар, аёлга яқинлашиб имо-ишора қилишар эди. Агар жим турса, унга яқинлашишар, уларга бақириб берса, тийилишарди. Улар чўриларнигина талаб қилишарди. Ўша вақтда эса чўри аёл ва ҳур аёлни ажратиб бўлмасди. Улар кўйлак ва кичик ёпинчиқда ташқарига чиқишарди. (Ҳур аёллар) бундан эрларига шикоят қилишди. Эрлари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
59. Эй Пайғамбар, хотинларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг: устларига ёпинчиқларини ташлаб олишсин. Шунда улар танилишади ва озорланишмай-ди. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбар, аввало ўз жуфтларингиз ва қизларингизга, сўнгра барча мўмина аёлларга айтингки, улар ёпинчиқ-жилбобларини устларига ташлаб юришсин. Чунки сизнинг завжаи мутоҳҳараларингиз ва қизларингизнинг шарафи улуғ бўлгани учун улар бу ишни ҳаммадан олдин қилишлари зарур. Аллоҳ таоло кечирувчи ва раҳмли бўлгани учун уларнинг ҳозиргача қилган хатоларини кечириб юборади. Ушбу ояти каримадаги “ёпинчиқ” деб таржима қилинган “жилбоб” сўзи бошқа кийимларнинг устидан кийиладиган ёки ёпиладиган кенг кўйлак ёки либосни англатади. Мўмина аёлни бошқа аёллардан ажратиб турадиган бу кийим турли мусулмон ўлкаларда турлича кўринишда бўлган. Лекин ҳаммаси ҳам мўмина аёлларни ёмон кўздан сақлаш, уларни бошқа аёллардан ажратиш каби вазифаларни адо этган. Ислом келмасидан олдин аёллар очиқ-сочиқ юришар эди. Турли жалб қилувчи кийимлар кийиб, кўча-кўйда эркакларнинг эътиборини ўзларига тортишга ҳаракат қилишарди. Шунинг учун фосиқ ва фожирлар дуч келган аёлнинг ортидан тушишган, гап отишган, турли бемаза қилиқлар қилишган. Мўминлар ўша фосиқ ва фожирларга эътироз билдириб, Ислом дини мўмина аёлларга бундай муносабатда бўлишни тақиқлаганини айтишганида, улар «Биз буларнинг мўмина эканини билмабмиз, мўмина эмас, балки чўри бўлса керак деб ўйлабмиз», дейишган. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин эса шароит тамоман ўзгарган. Умму Салама розияллоху анҳодан қилинган ривоятда у киши: «Ёпинчиқларини устларига ташласинлар» ояти нозил бўлганидан кейин ансорийларнинг аёллари кийим ёпиниб, худди бошлари-да қарға ўтиргандек сокинлик билан чиқишар эди», деганлар (Ибн Абу Ҳотим ривояти). Ушбу ояти карима тафсирида машхур муфассирлардан Суддий қуйидагиларни айтади: «Мадина аҳлининг баъзи фосиқлари кечаси бўлиши билан шаҳар кўчаларига чиқиб, аёлларнинг йўлларини тўсишар эди. Мадина аҳлининг масканлари тор эди. Аёллар қазои ҳожатга кечаси ташқарига чиқишарди. Фосиқлар шуни кутиб турар эди. Кейин жилбоб ёпинган аёлни кўришса, бу ҳур экан, деб ўзларини тиядиган, жилбоби йўқ аёлни кўришса, бу чўри экан, деб, унга ташланадиган бўлишди».
Ислом дини мўмина аёлларнинг шаън ва қадрларини, иффат ва шарафларини қаттиқ ҳимоя қилади. Динимиз мусулмон аёлларнинг жамиятдаги мартаба-мақомини юксак кўтарганидай, уларнинг қадр-қимматини ҳам ниҳоятда улуғлайди. Исломда мўмина аёлларнинг оилада, кўча-кўйда, жамоат орасида, бошқалар билан муносабат ва муомалаларда ўзларини қандай тутишлари кераклиги ҳақида одоб қоидаларини ҳам ишлаб чиққан. Шуларга кўра, ҳар бир мусулмон аёл номаҳрамлар қаршисига чиққанда ўзини кўз-кўз қилмай, зийнатларини яшириб, иффатларини ошириб, ҳаё чегарасидан чиқмасликлари талаб қилинади. Аёл киши табиатан ўзига оро беришга, зийнатланишга ва ўз зийнатини бошқаларга кўрсатишга интилувчан қилиб яратилган. Улардаги бу табиат оиланинг ҳаётийлиги ва мустаҳкамлиги учун жуда ҳам муҳим. Шу боис, Ислом аёлларга ўзларининг ушбу хусусиятларини ўз эрларига, жуфти ҳалолларига қаратишга буюради ва уни мақсадсиз ёки нопок мақсадларда бошқаларга кўз-кўз қилишдан қайтаради. Шу билан бирга, ушбу зийнатларини уларнинг суиистеъмол қилиниши, турли фитналарга сабаб бўлиши эҳтимоли бўлмаган ўринларда - аёллар, ёш болалар ва маҳрамлари олдида кўрсатишларига ижозат беради. Аёл кишининг устки кийими ҳам ҳаммани ўзига тортадиган даражада зийнатли бўлмагани маъқул. Чунки, бу ҳам фитнага сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, кўчада пиёда юрадиган аёллар бегона назарларни жалб қиладиган кийимлар кийишдан, ҳар хил безак, зийнатлар тақишдан, эътиборни жалб қилиш даражасида хушбўйланишдан ҳам сақланишлари керак. Муслима аёлларга шунингдек, кўча ўртасига тушиб олиб юриш ярашмайди. Уларнинг ҳар бир ҳаракатларида исломий одоблари, ҳаё ва иффатлари барқ уриб туриши керак. Шунингдек, муслима аёл ўз жуфти ҳалоли билан бирга юрганида унинг ортидан юриши ҳам одобдан ҳисобланади. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиддан чиқиб турганларида, эркакларнинг аёлларга аралашиб юрганини кўриб, аёлларга қарата: «Орқароқда юринглар, йўлнинг ўртасини эгаллаб олиш сизларга эмас, йўлнинг чеккасини лозим тутинглар», дедилар. Аёл киши кўчага чиққанида йўлдаги эркакларни назар қилишларига ундайдиган даражада атир ёки бошқа хушбўйлик сепиши ҳам жоиз эмас. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши агар хушбўйланиб олиб, одамлар ўтирган жойдан ўтадиган бўлса, у бундайдир, бундайдир», дедилар». Аллома Муборакфурий айтади: «Чунки у ўзининг хушбўйлиги билан эркакларнинг шаҳватини қўзғайди ва уларнингунга назар қилишларига ундайди. Агар улар унга қарашса, кўз билан зино қилган бўлишади ва аёл кўз зиносига сабаб бўлиб, гуноҳкорга айланади». Имонли аёл яна бегона эркакларнинг назарини тортадиган барча ҳатти-ҳаракатлардан сақланиши зарур. Бу ҳам аёл киши учун ўз қадрини, аёллик қийматини ва иффатини сақлаши учун зарурдир. Халқимизда «ғунажин кўзини сузмаса, буқа ипини узмайди» деган мақол бежизга айтилмаган. Шу боис, муслима аёл кўчада юрганида ўзининг виқорини, салобатини сақлаши, турли нопок назарлардан ўзини юқори тутиши лозим. Қуръони каримда аёл киши ҳатто сўзлашишда ҳам ушбу эҳтиёткорликни қаттиқ ушлаши зарурлиги таъкидланган.
60. Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида бузуқлиги борлар ва Мадинада миш-миш тарқатувчилар тийилишмаса, сизни уларга қарши оёқлантирамиз. Сўнгра улар оз муддатгина сиз билан бирга тура олишади;
Аллоҳ таоло бу оятда қасам билан таъкидлаб айтяптики, агар мунофиқлар мўмин-мусулмонларга қарши турли озорлар етказишда давом этишаверса, шунингдек, қалбида иллати бор, имони заиф кимсалар мўмин-мусулмонларга зарар етказишдан тўхташмаса, мўмин-мусулмонлар ҳақида турли-туман иғво-бўҳтонларни тарқа-тишаверса, Аллоҳ таоло Пайғамбарига амр этиб, уларга қарши Ўз ҳукмини куч билан ўтказиш чорасини кўради. Бундайларга Аллоҳ таоло бир оз муддатгина Мадинада яшаб туришларига имкон қолдиради. Кейин улар ё ўлдирилишади, ё шаҳардан ҳайдаб чиқари-лишади. Улар мусулмонларга, айниқса уларнинг аёлларига қарши шундай фитна ва ғаламисликлар ўйлаб топишардики, ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам уларнинг кирдикорларидан озор чекар, ҳийла-найрангларига ҳамиша шай турардилар. Ҳадислардан бирида зикр қилинишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганларида покиза завжалари Сафийя розияллоҳу анҳо кечаси у зотни зиёрат қилгани келди. Суҳбатлари тугаб, Сафийя қайтиб кетаётганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кузатиб эшик олдига бордилар. Икковлари гаплашиб туришганида ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб кета бошлашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковига: «Шошманглар, бу аёл Сафийя бинти Ҳуяй», дедилар. Улар: «Субҳаналлоҳ, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди (Яъни сиз ҳақингизда ёмон гумонга борармидик, дейишди). Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шайтон одамларнинг қон томирларида юради. Икковингизнинг қалбингизга бирор ёмонлик солмасин, деб қўрқдим», дедилар (Абу Довуд ривояти).
61. лаънатланган ҳолларида. Улар қаерда топилса, ушланишади ва қириб ташланишади.
Мунофиқларнинг фитнаси кофир ва мушрикларникидан ҳам хатарли ва оқибати ёмон бўлади. Кофир ва мушрикларнинг душманлиги очиқ аён бўлиб тургани учун мусулмонлар уларнинг фитналарига шай туришади. Аммо мунофиқлар ташида мусулмонлигини кўрсатиб, ичида Исломга қарши курашгани учун уларнинг жиноятини аниқлаш қийин кечади. Биргина Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бошлиқ мунофиқларнинг Пайғамбар алайҳиссаломнинг покиза завжалари Оиша розияллоҳу анҳога қарши уюштирган “ифк” (туҳмат) фитнасин мусулмон умматининг тинч ҳаётига қандай таҳликали таъсир ўтказганининг ўзини эслаш кифоя. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига мусулмонлар орасига нифоқ солиб, Ислом жамиятини ларзага солувчи бундай мунофиқларни лаънатлаган ҳолда қаерда учрашса ҳам тутиб, қириб ташлашни буюрмоқда. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам кўплаб ҳадисларида мунофиқ, ичида мусулмонларга нисбатан нафрати ва ғашлиги бор кимсаларнинг қилмишларидан огоҳлантирганлар.
62. Илгари ўтганлар ҳақида Аллоҳнинг йўли шудир. Аллоҳнинг йўлини асло ўзгартира олмайсиз.
Аллоҳ таоло мўминларга озор берувчи мунофиқ, қалбида иллати ва ғарази бўлган ва миш-миш тарқатиб, жамиятларни парокандаликка солувчи кимсаларга аввалдан қаттиқ чора кўриб келган. Уларга ўхшаганларга нисбатан Аллоҳнинг қадимдан тутиб келган йўли мана шундайдир. Бу йўлнинг ўрнига бошқа бир йўлни топа олмайсиз. Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла мўмин-мусулмонларнинг аёллари уларнинг фитнасига учраб қолмасликлари учун уларга ўзларини иҳоталаб, ўраниб, зийнатларини кўз-кўз қилмай юришни буюрган. Бундай ҳолат эса мусулмон аёлларининг кийиниш меъёрларини ҳам белгилаб берган. Бу эса, жамиятдаги ахлоқсизлик, бузуқлик, нопокликларнинг олдини олишда, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Бу ҳақиқатни ҳозирга келиб ахлоқсизлик келтириб чиқарган кулфатлардан қаттиқ азиятга қолиб, бошини қаёққа уришни билмай қолган мусулмон бўлмаган тоифалар ҳам тасдиқлашмоқда. Бугунги кунда аёлларнинг очиқ-сочиқ юриши, номаҳрамларни ўзига жалб қилиш мақсадида беҳаёлик кўчасига кираётгани кўпгина муаммоларга сабаб бўлаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто «аёлларнинг очиқ-сочиқлиги эркакликнинг кушандаси» эканини, «аёлларнинг очиқ бадани одам наслининг камайиши ва нимжонлашишига сабаб бўлаётгани»ни мусулмон бўлмаган тадқиқотчилар куйинчаклик билан ёзишмоқда. Минг афсуски, бугунги кунда айрим опа-сингилларимиз миллий ва диний қадриятларимизга тамоман зид равишда беҳаё кийимларни кийишга ружуъ қўйишмоқда. Улар ўзларининг қайси динда эканларини, қандай машҳур халқнинг авлоди эканларини ҳам унутиб қўйишмоқда. Беш кунлик дунёни деб абадий охиратни қўлдан бой бериб қўяётганларини ҳам сезмаяптилар. Ахир, кийим баданни яшириш учун кийилади-ку! Айрим аёллар ўзларининг бу беҳаёликлари билан эркаклар кўнглига қанчалаб ғулғула солаётганларини, уларни шаҳватга бошлаётганларини ҳис қилмасликлари ҳам мумкин. Улар очиқ-сочиқ юриш ўзлари учун оддий ҳолга айланган бўлса-да, бу Аллоҳ таолога катта осийлик эканини ва жамиятнинг инқирозига сабаб бўлишини бир зум ҳам унутмасликлари керак.
63. Одамлар сиздан қиёмат ҳақида сўрашади. «Бунинг илми фақат Аллоҳ ҳузуридадир» деб айтинг. Қаердан биласиз, эҳтимол, қиёмат яқинда бўлар?
Маълумки, қиёмат ҳақидаги оятлар асосан Маккаи мукаррамада нозил бўлган, чунки кофирлар қиёмат ҳақидаги саволларини асосан Маккада беришган. Аммо бу, Мадинаи мунавварада одамлар қиёмат ҳақида савол бермай қўйган, дегани эмас. Кофирлар қаерда бўлса ҳам кофирлигини қилган, турли фитна-фасод саволларни сўраган, бошқаларга ҳам савол ўргатиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборишган. Ушбу оятда куфр эгаларининг қиёмат ҳақидаги саволларига қандай жавоб қайтаришни Ўз Пайғамбарига таълим беряпти. Қиёматнинг бўлиши, унинг аломатлари содир бўлиши муқаррардир, шубҳасиздир. Ҳар бир мўминнинг бунга ишониши лозим. Аъроф сурасининг 187-оятида шундай дейилган: (Эй Муҳаммад), Қиёмат қачон бўлишини сўрашади. Сиз: «Бунинг илми фақат Парвардигорим ҳузуридадир, уни ўз вақтида Ўзи ошкор қилади, осмонлару Ерга жуда оғир бўлади, сизларга тўсатдан келади», денг. Буни худди сиз биладигандек сиздан сўрашади, «Бунинг илми Аллоҳ ҳузуридадир, лекин кўплар билишмайди», денг. Муҳаммад соллаллоху алайҳи васаллам одамларни қиёмат билан қўрқитар, бу дунёда қилган ишларининг жазосини қиёматда тортишларини қайта-қайта такрорлар эдилар. Қуръони каримда ҳам қиёмат ва унинг васфи, ундаги даҳшатлар ҳақида кўплаб оятлар келгани маълум. Кофирлар доимо «Қиёмат қачон бўлади?» деган саволни беришарди. Улар қиёмат қойим бўлишига шак-шубҳа қилганлари учун ҳам бу ҳақда кўп сўрашарди, «Қани, келса, келақол-майдими», деб шошишар эди. Лекин қиёматнинг қачон бўлиши илми Аллоҳ таолонинг ҳузуридадир, Ундан ўзга ҳеч бир зот буни билишга қодир эмас. Аллоҳ таоло унинг қачон бўлишини бошқага билдиришни истамади. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, фаришталарга ҳам бу илмдан хабар бергани йўқ.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай келган: «Менга отам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтди: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирар эдик. Бирдан ҳузуримизда оппоқ кийимли ва қоп-қора сочли одам пайдо бўлди.Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни биздан бирор киши танимас ҳам эди. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларига тиззасини теккизиб ўтирди. Икки кафтини икки сонларига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер!” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом - «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо этмоғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар имконинг бўлса, Байтуллоҳга ҳаж қилмоғинг”, дедилар. Ҳалиги одам: “Тўғри айтдинг!” деди. Биз бундан ажабландик: ўзи савол бериб, ўзи «Тўғри айтдинг», дейди. Кейин у: “Менга имондан хабар бер”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига имон келтирмоғинг ва яхши-ёмон қадарга имон келтирмоғинг”, дедилар. У одам: “Тўғри айтдинг. Эҳсон ҳақида хабар бер!” - деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди сен Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг. Агар сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўриб тургандек ибодат қилишинг”, дедилар. У: “Менга Соат (қиёмат) ҳақида хабар бер!” деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билимли эмас”, дедилар. У одам чиқиб кетганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларидан бу одамнинг кимлигини сўрадилар. Саҳобалар «Танимаймиз», деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил сизга динингизни ўргатгани келган эди”, дедилар» (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоийлар ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда сўралувчи шахс, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, сўровчи Жаброил алайҳиссалом ҳам қиёмат қачон бўлишини билмаганлари кўриниб турибди. Шу билан бирга, ояти каримада қиёмат қачон қойим бўлишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билишининг, бошқаларга билдирилмаганининг ҳикматларидан бири ҳам баён қилинади: Қиёмат яқиндир, бандалар буни билишмайди, шунинг учун ҳамма доимо ҳушёр бўлиб, тайёргарлигини кўриб туриши, ғафлатда қолмаслиги керак. Шунда банда “ҳозир ёки эртага қиёмат қойим бўлиб қолса, нима қиламан”, деган хавотирда яхши ишларни кўпроқ қилади, ёмонликдан қочади.
64. Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва уларга дўзахни тайёрлаб қўйди;
Қиёматга умуман ишонмаганидан бу ҳақда ҳамиша шубҳа-гумонларга борадиган, унинг келишини тезлаштиришни сўраб, Аллоҳнинг Пайғамбарини қийин-қистовга солувчи кофирлар аввало Аллоҳ таолонинг лаънатига учрашади. Аллоҳ таоло кофирларни қилмишлари учун дунё ҳаётида Ўз раҳматидан қувди, қиёмат куни эса уларга ўта қизиган дўзахни тайёрлаб қўйди.
65. унда мангу қолишади. Бирор дўст ҳам, бирор ёрдам берувчи ҳам топа олишмайди.
Аллоҳга имон келтирмаган, қиёматнинг қойим бўлишини инкор қилувчи кофирлар учун аламли ва хорловчи жазо жойи дўзах бор. Куфр келтирган кимсалар у ерда вақтинча эмас, абадий қолиб кетишади. Дўзахда улар ўзларига раҳм қиладиган бирор дўст ёки қариндошни ҳам ҳам, жазодан қутқариб қоладиган ҳимоячи ёки ёрдамчини ҳам топа олишмайди.
66. Юзлари оловда айлантирилаётган Кунда улар: «Қанийди, Аллоҳга итоат қилганимизда, Расулига итоат қилганимиз-да», дейишади.
Яъни, дўзахга тушишлари аниқ бўлиб, юзларини оловга товлаб айлантирилаётган, ҳатто юзларидан бирор жойига олов камроқ тегиб қолмасин, деб юзлари оловнинг қаттиқ ёнаётган жойига тутиб куйдирилаётган Кунда улар азоб оғриқларига чидай олмай, дод-фарёд чекишади ва «Қанийди, дунё ҳаётига бир бор қайтарилганимизда Аллоҳ таолога итоат қилсак, Унинг Расулига итоат қилсак эди», дейишади.
67. Яна айтишади: «Парвардигоримиз, дарҳақиқат бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйсундик, улар бизни йўлдан оздиришди;
Улар яна дунё ҳаётида илоҳий ваҳийларни инкор этиб, қаттиқ адашганларидан надоматда қолишади. “Бизлар қавмнинг катталари ва улуғларига бўйсуниб, Аллоҳнинг Расули келтирган таълимотни рад қилган эканмиз, уларнинг бизларни йўлдан оздиришгани учун залолатда қолиб, бугун азобга учраб турибмиз” деб афсуслар чекишади. Аммо энди бу надоматлардан асло фойда йўқ!
68. Парвардигоримиз, уларга азобни икки ҳисса бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин!»
Ҳақиқатан ким бу дунёда Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмаса, турли йўлбошчиларга ва «улуғ»ларга итоат қилган бўлади. Бу дунёда Аллоҳнинг айтган йўлидан юрмаганидан кейин ўзларига ўхшаган одамларнинг йўлига юрган бўлади. Бу дунёда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини бажармай, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олмаганидан кейин турли «сардор»ларнинг кўрсатганини қилган, ўшалардан ўрнак олган бўлади. Дунёнинг арзимас матоҳлари илинжида, ҳавойи нафсининг кўйида уларга эргашади. Бу дунёда ўзига ўхшаган бандага қул бўлиб, хорликда ўтгани етмагандай, охиратдаги аҳволи ҳам хор ва расво бўлади. Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди, дўзахга тушади, оловда юзлари айлантирилиб куйдирилади. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилмаганига минг-минг пушаймонлар қилади. Қиёмат куни ночор, иложсиз ва абгор ҳолатда қолганида, ҳеч бир кимса ёрдамга келмаганида аламидан “Дунёда мени адаштирган, тўғри йўлдан урган, залолатда қолишимга сабачи бўлган ўша улуғларимизнининг азобини икки ҳисса кўпайтириб бергин ва уларни энг катта лаънатларинг би-лан лаънатлагин” деб, Аллоҳга илтижо қилишдан ўзга чора тополмайди. Кофирларнинг охират кунидаги ҳолатлари мана шундай аянчли ва расво бўлади. Мўминлар уларнинг бу ҳолатидан ибрат олишлари, кофирларнинг бу дунёда қилган хатоларини қайтармасликлари лозим.
69. Эй имон келтирганлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Аллоҳ улар айтган нарсадан уни поклади. У Аллоҳ наздида обрўли эди.
Сийрат китобларидан маълумки, Мадинадаги мунофиқлар, имони заиф миш-мишчилар Набий соллаллоху алайҳи васалламга турли гап-сўзлар, бўҳтон ва туҳматлар билан кўп озор беришган, бўлмагур айблар билан у зотнинг дилларини оғритишган эди. У кишининг покиза завжалари тўғрисидаги, хусусан, Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланишлари ҳақидаги озорлар ҳаддан ошиб кетган эди. Олдинги оятларда уларнинг қилмишлари фош этилиб, шунга яраша жазо олишлари муқаррар экани айтилган эди. Ушбу оятда эса мўминларга хитоб қилиниб, Мусо алайҳиссаломга унинг қавми Бани Исроил озор берганидек, ўз Пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бермасликка чақирилмоқда. Мадинадаги мунофиқлар ва имони заифлар томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга жабр-зулм кучайиб кетганида у зот алайҳиссалом: “Аллоҳ биродарим Мусога раҳм қилсин, у мендан кўра қаттиқроқ озорларга учраса-да, аммо бунга сабр қилди”, деганлар. Бани исроилликлар Мусо алай-ҳиссаломга турли озорлар беришган. Жумладан, жинсий масалада, унинг чурраси тушгани ҳақида миш-миш тарқатиб, у кишининг дилини оғритишган эди. Баъзилари «Мусонинг эркаклиги йўқ» деб миш-миш тарқатишган. Қорун эса бир аёлга пул бериб, Мусо алай-ҳиссаломни зино қилишда айблашни топширган эди.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломга озор бераётган кимсаларга хитоб қилиб айтяптики, сизлар Бизнинг элчимизга озор берманглар, хусусан, оилавий тарафдан турли миш-мишлар тарқатиш билан у кишини ранжитманглар. Бошларингизга яна Бани Исроилнинг куни тушиб қолмасин. Аллоҳ Бани Исроилни Мусо алайҳиссаломга озор бергани учун нима қилгани маълум. Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг ҳузурида обрўга эга бўлгани туфайли уни поклаб, озор берганларни жазолагани каби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Парвардигор наздида катта обрўга эгаликлари учун Аллоҳ у зотни ҳам албатта поклайди ва у кишига озор бераётганларни муносиб жазолайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Бани Исроил яланғоч чўмилишар ва бир-бирларининг авратига қарайверишар эди. Мусо эса бир ўзи чўмилар эди. Улар: «Аллоҳга қасамки, Мусони биз билан чўмилишдан фақат унинг чурралиги (дабба касаллиги) тўсади», дейишди. У бир сафар чўмилгани бориб, кийимини бир тош устига кўйди. Шунда тош унинг кийимларини олиб қочди. Мусо: «Кийимимни бер, эй тош! Кийимимни бер, эй тош!» дея унинг изидан қува кетди. Шунда Бани Исроил Мусонинг авратини кўргач: «Аллоҳга қасамки, Мусода ҳеч қандай дард йўқ экан!» дейишди. У кийимини олдида, тошни ура кетди». Абу Ҳурайра айтади: «Аллоҳга қасамки, Мусонинг зарбасидан тошда олтита ёки еттита из пайдо бўлди» (Бухорий ва Муслим ривояти).
70. Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар.
Аллоҳ таоло мўминларга Ўзидан кўрқишни, яъни тақво қилишни ҳамда фақат тўғри, рост сўзни айтишни буюрмоқда. Тўғрисўзлик, ҳар қандай ҳолатда ҳам гапнинг ростини айтиш, тўғри гувоҳлик бериш мусулмон ахлоқининг энг зарур сифатларидан биридир. Аллоҳ таоло тўғрисўз, ҳақни сўзлайдиган бандалари даражасини ошириб, уларни мақтайди. Аксинча ёлғон сўзлайдиган, ёлғон гувоҳлик берадиган кимсаларни қаттиқ қоралайди. Ростгўйлик, фақат ҳақни сўзлаш Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатлари, ўтган солиҳ аждодларимизнинг гўзал хулқларидандир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Тўртта хислат бор, агар улар сенга берилса, дунёдаги ҳамма нарсадан бебаҳра қолсанг ҳам сенга зарари тегмайди: ҳусни хулқ, луқманинг иффатли бўлиши, ростгўйлик ва омонатни асраш» (Бухорий ривояти); Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйликни маҳкам ушланглар, чунки у эзгуликка олиб боради, эзгулик эса жаннатга йўллайди. Киши рост сўзлаб, ростни ахтариб юрса, Аллоҳ ҳузурида уни сиддиқлардан, деб ёзилади. Ёлғон сўзлашдан қочинглар, чунки ёлғончилик фужурга (бузуқликка) етаклайди, фужур эса дўзахга олиб боради. Киши ёлғон сўзлар экан, у Аллоҳ таоло ҳузурида каззоблардан, деб ёзилади», деганлар (Термизий ривояти). Пайғамбар алайҳиссалом фақат рост сўзни айтардилар ва умматни шунга чақирганлар. «Ростгўйликнинг энг паст даражаси зоҳир билан ботиннинг баробар бўлишидир», деган эди Абулқосим Қушайрий.
71. У ишларингизни ўнглайди ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, у ҳақиқатан улкан ютуққа эришибди.
Аллоҳга тақво қилиш ва рост сўзлаш, ҳақни айтиш банданинг ишларини ўнглайди, бунинг сабабидан Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатда бўлган ҳолда Парвардигорига тақво қилган ва рост сўзлаганлар икки дунёда ҳам улкан ютуқни қўлга киритишади.
Ростгўйлик, ҳамиша тўғри сўзлаш ва тўғри гувоҳлик бериш Аллоҳга севимли хислатлардандир. Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло Ўзининг ростгўй бандаларига берадиган мукофотларини зикр этмоқда. Рост гапирувчи ва тўғри гувоҳлик берувчиларга охират дунёсида тагидан анҳорлар оқиб турувчи, абадий роҳат-фароғатда яшаладиган жаннат боғлари тайёрлаб кўйилган. Ростгўй мўминларни бундан ҳам олийроқ мукофот - Аллоҳ таолонинг розилиги, Унинг жамолини кўришга мушарраф бўлиш бахтига сазовор бўлиш кутиб турибди. Ҳеч бир бахту саодат бунга тенг кела олмайди. Шунинг учун динимиз ҳар бир ҳолатда хдм фақат рост, тўғрисини сўзлашни, тўғри гувоҳлик беришни талаб этади. Динимиз фақат ростини, тўғрисини сўзлашга буюрган экан, биз, мўмин-мусулмонлар ҳам Ислом динининг бу кўрсатмаларига оғишмай амал қилишимиз, оғир гуноҳлардан бўлмиш ёлғондан узоқда бўлишимиз даркор. Аждодларимиз фақат рост сўзлашган, ёлғонга, ёлғон гувоҳликка асло йўл кўйишмаган. Шу ўринда тасаввуфнинг машҳур шайхларидан Абдулқодир Жийлоний билан бўлган бир ривоятни эслаш ўринлидир. Абдулқодир Жийлонийнинг ўзи бундай ҳикоя қилади: «Болалигимдан мени тўғрисўз, ростгўй бўлишга ўргатишган эди. Бир куни Маккадан чиқиб, илм олиш мақсадида Бағдодга борадиган бўлдим. Онам йўл харажатлари учун қирқ динор пулни чопоним қатига тикиб берар экан, мендан ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда хдм ёлғон гапирмаслик хдқида ваъдамни олди. Карвон билан Ҳамадон ўлкасига етганимизда қароқчилар тўдаси ҳужум қилиб, карвондагиларнинг бор-будини тортиб олди. Қароқчилардан бири: «Сенинг ниманг бор?» деб сўради. Мен: «Чопоним қатида қирқ динор олтиним бор», деб рост гапирдим. У ҳазиллашяпти, деб ўйлаб нари кетди. Бошқа қароқчи яна шу саволни берди ва унга ҳам қирқта олтиним борлигини айтдим. У мени тўда бошлиғига олиб борди. Бошлиқ: «Ростини айтишга сени нима мажбур қилди?» деб сўради. Мен: «Онамга ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ваъда бергандим», дедим. Шунда қароқчилар бошлиғини бирдан кўрқув босди. У қичқирганича ушбу сўзлар билан кийимларини йирта бошлади: «Сен онангга берган ваъдангни бузишдан қўрқиб, олтинларингни кўрсатяпсан, мен эса Аллоҳга берган ваъдамни бузишдан қўрқмаяпман». Кейин у одамларига барча тортиб олинган нарсаларни қайтариб беришни буюрди ва: «Мана сенинг хузурингда гуноҳларим учун Аллоҳга тавба қиляпман», деди. Бошқа қароқчилар ҳам унга: «Сен талончиликда бизнинг тўдабошимиз эдинг, энди тавба қилишда ҳам раҳнамойимиз бўл!» дейишди.
72. Биз омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Шунда улар уни кўтаришдан бош тортишди ва ундан қўрқишди. Уни инсон зиммасига кўтарди. Ҳақиқатан у золимдир, нодондир.
Аллоҳ таоло Ўз шариати таклифларини, фарзларини, амр ва наҳйиларини зиммага олишни Ўзи яратган чексиз, мустаҳкам осмонларга таклиф қилган. Сўнг бепоён, турли мавжудотларни, махлуқотларга макон бўлган Ерга таклиф қилган. Саботли ва сервиқор тоғларга ҳам таклиф қилган. Бу омонатни кўтариш шунчалик оғир эдики, ҳатто шундай улкан, кувватли осмонлар, замин ва тоғлар ҳам уни кўтаришдан қўрқишди. Бу омонатни уддалаб, ўрнига қўя олишларига кўзлари етмади. Ихтиёрий бўлиб, омонатни бўйинларига олишнингўрнига, ихтиёрсиз бўлиб, доимий равишда ўзлари учун Аллоҳ таоло қўйган чегарадан четга чиқмай юришни афзал кўришди. Бу омонатни фақатгина кучсиз ва ожиз инсон кўтарди. Чексиз осмонлар кўтаришдан кўрққан омонатни уларнинг остида яшайдиган кичик зарра - инсон кўтарди. Улкан ва залворли замин кўтаришдан қўрққан омонатни унингустида яшаётган умри қисқа, кичик бир жонзот - инсон кўтарди. «Омонат» сўзи «ишониб топширилган нарса» деган маънони англатади. Ушбу ояти каримадан Аллоҳ таолонинг омонати, бирортага ишониб топшириладиган нарсаси борлиги тушунилади. “Бу омонат нима эди?” деган саволга уламолар «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб беришган. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз ҳаққига, инсонларнинг ҳаққига ва бошқа махлуқотларнинг ҳақларига боғлиқ амрларини, наҳйиларини, кўрсатма-таълимотларини ва хукмларини ўз жойига қўйиш бўйича Унинг ишонган вакили бўлиш таклифи, демақцир. Бу таклифларни амалга оширадиганлар ўз ҳурриятига эга - хоҳласа, амал қилиб, хоҳламаса, қилмаслик ихтиёрида бўлишади. «Одам (алайҳиссалом) омонатни қабул қилиб олгач, кўп ўтмай уни жаннатда кўтара олмасдан, тақиқланган дарахт мевасидан еб қўйди», дейилади ҳадиси шарифда. Шунга кўра, агар инсон ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилиб олган омонатга (намоз, рўза, закот, каффорат, назрлар, бошқа бандаларнинг ҳақларига) уйғун иш юритмаса, ўзига ўзи зулм қилган бўлади. Энг буюк омонат - имон омонати. Имон омонатини адо қилганларгина Аллоҳнинг барча омонатларини ҳамда бандаларнинг омонатларини ҳалол адо эта оладиган ҳақиқий имонли кишилар ҳисобланадилар. Аллоҳ таоло кўрсатмасин, агар хиёнат содир бўлса, катта гуноҳга йўл қўйилган бўлади. Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳ йўлида қатл этилиш барча гуноҳларга каффорат бўлади. Бироқ омонат бундан мустасно. Қиёмат куни бир бандани олиб келишади. Гарчи Аллоҳ йўлида қатл этилган бўлса ҳам унга: «Омонатингни адо эт», дейилади. У: «Эй Парвардигорим, дунё ўтиб кетган бўлса, мен қандай қилиб омонатни адо қиламан», дейди. Уни «Ҳовия» номли дўзахга олиб боришади. Унга омонати кўринади. У ўзига берилган кундаги шаклда бўлади. Уни кўрибоқ танийди. Унинг изидан «Ҳовия»га тушиб, унга етиб боради-да, елкасига ортиб, олиб чиқа бошлайди. Энди чиқаман, деганида омонат елкасидан тушиб кетади. У абадул-абад омонатнинг изидан пастга тушиб кетаверади». Сўнг: «Намоз омонатдир, таҳорат омонатдир, тарози омонатдир, ўлчов омонатдир», деб бир қанча нарсаларни санадилар-да: «Буларнинг энг қаттиғи ваъдадир», дедилар (Аҳмад, Байҳақий ривояти). Ривоят қилишларича, одамлардан биринчи бўлиб кўтариладиган нарса омонатдорлик ва охирида қоладиган нарса намоздир. Инсон зоти ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмай, унга хиёнат қилади. Инсон зулм қилавермай, ўзига юклатилган омонатни адо этиши лозим. Инсон жоҳил бўлавермай, ўзига юклатилган омонатнинг қанчалик нозик эканини тушуниб етиши зарур.
73. Бу Аллоҳ мунофиқлар ва мунофиқаларни, мушриклар ва мушрикаларни азоблаши ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул қилиши учундир. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Яъни, Аллоҳ таолонинг омонатини инсонга таклиф қилинишидан мақсад, инсонлар орасидан мунофиқ ва мунофиқа, мушрик ва мушрикаларни ажратиб олиб азоблаш, мўмин ва мўминаларни ҳам ажратиб олиб, уларнинг тавбасини қабул қилиб, мукофотлашдир. Ушбу омонат, яъни шариат таклифлари, Ислом ибодатлари, талаблари бўлмаса, кимнинг мунофиқлиги, кимнинг мушриклиги, кимнинг имонда экани маълум бўлмай, билинмай қолади. Аллоҳтаклиф қилган омонатга - Ислом дини ҳукмига, шариатига итоат этиб, унинг таълимотларига амал қилиб яшаганлар икки дунёнинг бахт-саодатига сазовор бўладилар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилади. Тавбаси қабул бўлганлар эса бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам зафарга эришадилар. Аллоҳ таклиф қилган омонатни - Ислом дини хукмини ва унинг таълимотларини инкор қилган мушриклар эса икки дунёда азобу иқобга гирифтор бўладилар. Шунингдек, Аллоҳ таклиф қилган омонатга - Ислом динига тили билан хайрихоҳлик билдирса-да, амалда унга душманлик қилувчи мунофиқлар ҳам икки дунёда бебахт ўтишади, Аллоҳ таоло уларни ҳам икки дунёда азоб-хорликларга учратади. Агар мушрик ва мунофиқ бандалар вақт борида тавба қилиб, Исломга киришса, тиллари, диллари ва вужудлари билан Ислом таълимотларига мувофиқ ҳаёт кечиришса, Аллоҳ таоло уларни ҳам мағфират қилади ва Ўз раҳматидан баҳраманд этади.