Маккада нозил бўлган, 34 оятдан иборат.
Қуръони каримнинг ушбу ўттиз биринчи сураси Маккада нозил бўлган, 34 оятдан иборат. Сура Қуръони карим таърифи билан бошланади, унда борлиқда Аллоҳнинг ваҳдониятига далолат қиладиган турли аломатлар борлиги, коинотдаги энг кичик заррадан тортиб энг улкан сайёраларгача барча мавжудот Аллоҳнинг белгилаган тартиб-низомларига бўйсуниши, мушриклар ва имон эгаларининг қиёмат кунидаги ҳисоб-китоблари ҳақида сўз боради. Сурадан Луқмон ҳаким тўғрисидаги хабар ва унинг фарзандига қилган ўгитлари ҳам ўрин олгани учун у Луқмон сураси деб номланган.
Бу маккий сурада ҳам асосан ақида масаласи муолажа қилинади. Хусусан, ваҳдоният, пайғамбарлик ва қайта тирилиш ҳақида сўз кетади. Ушбу масалаларда мушрикларнинг хато тушунчалари турли йўллар билан кўрсатилади. Айни чоғда ақида, имон, дину диёнат масаласида зарур бўлган одоб-ахлоқ жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор берилади. Булар, айниқса,ҳазрати Луқмоннингўғлига қилган насиҳатларида яққол кўзга ташланади. Луқмон сураси охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган абадий мўъжиза, ҳикматли Китоб - Қуръони каримдан, сўнгра Аллоҳ таолонинг ваҳдониятидан баҳс юритади. Бунда Аллоҳнинг чексиз қудратига далолат қилувчи борлиқдаги мавжудотларга - осмон, ер, қуёш, ой, кеча, кундуз, тоғ, денгиз, дов-дарахт ва бошқаларга эътибор билан назар солишга даъват этилади. Табиат ҳодисалари ҳақидаги баҳсдан сўнг одамнинг ўзидаги ажойиботлардан сўз очилади. Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилган насиҳатлари келтирилади. Бу насиҳатларнинг асосий марказида ҳам ширк масаласи муолажа қилинади. Суранинг охирида кечаю кундузга, қуёшу ойга ибрат кўзи билан боқиб, улардан хулоса чиқариш, Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати ва ваҳдониятини англаб олиш зарурлиги эслатилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Алиф лаам мийм.
Бундай кесик ҳарфлар (ҳуруфи муқаттаъот) ҳақида олдинги су-раларда батафсил айтиб ўтилган. Буларнинг маъносини фақат Аллоҳ таолонингЎзи билади.
2. Ушбулар ҳикматли Китобнинг оятларидир.
Сизга тиловат қилинаётган ушбулар ҳикматли Китоб бўлмиш Қуръони каримнинг оятларидир. Ушбу оят бежизга Қуръоннинг ҳикматли эканини васф этмаяпти. Ушбу суранинг номи ва сиёқидан кўриниб турганидек, унда Аллоҳнинг донишманд бандаларидан Луқмони ҳаким қиссаси ўрин олган ва бу орқали Аллоҳнинг ҳамма нарсани яртишдаги буюк ҳикмати зикр қилинган. Ислом динининг асосий манбаси бўлмиш Қуръони карим бу динга эргашувчи мусулмонлар томонидан тўлалигича илоҳий деб эътиқод қилинади, ишонилади. Мусулмонлар ушбу Қуръоннинг бутун башарият учун тўғри йўлни кўрсатиб берувчи китоб эканига ҳам иймон келтиришади. Модомики, Қуръон келтирган хабарлар, йўлланмалар барча замонлар учун таъаллуқли деб эътиқод қилинар экан, Қуръон - бу Аллоҳ инсониятга юборган диний таълимотларнинг охирги ва якунловчи қисмидир, мўъжизалар мўъжизасидир ва инсониятучун раҳмат этиб нозил қилингандир. Қуръон илмга бағишланган асар эмас, балки оятлар - белгилар, ишоралар, мўъжизалар, аломатлар китобидир. Ушбу оятлар инсонни Ердаги ҳаётининг асл мақсадини англашга ва табиат билан уйғунлиқца яшашга чорлайди. Қуръон ҳақиқатда ҳам бутун оламларнинг Яратувчиси ва Парвардигори Аллоҳдан келган илоҳий кўрсатмалар мажмуидир. У барча пайғамбарлар, Одам, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳимуссаломларнинг умумий йўлига - яъни Аллоҳнинг биру-бор Илоҳ эканига асосланган таълимотни олиб келган. “Қуръон ва замонавий илм” мавзусида қанча-қанча жилдлаб китоблар ёзиб бўлинган, ёзилмоқда ва тадқиқотлар олиб ҳам борилмоқда. Ушбу оятда Аллоҳнинг абадий мўъжизаси бўлмиш Қуръони карим «ҳикматли» деган сифат билан васф қилинмоқда. Дарҳақиқат, у бошидан охиригача пурҳикматдир. Ким Қуръонга мурожаат қилса, ҳикмат топади. Ундаги ҳикматлардан баҳраманд бўлади. Ким Қуръони каримдан бебаҳра бўлса, ҳикматдан - улкан ҳикматдан бебаҳра қолади.
3. У яхши иш қилувчиларга ҳидоят ва рақматдир;
Яъни, Қуръони карим Ер юзидаги инсонлар учун ҳидоят йўлини кўрсатиб берувчи, уларга Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиш йўлида қандай яхши ишларни қилиш йўлини ўргатувчи ҳидоят ва раҳмат Китобидир. Бу Китобга амал қилиб, Аллоҳтаолога имон келтирувчи, буюрганларини бажариб, қайтарганларидан четда бўлувчи инсонлар икки дунё саодатини қўлга киритган бахтиёрлардир. Аллоҳ ҳидоятни ирода қилган зотлар аввало ҳидоят учун қалбларини очган, ақлларини ҳақ томон бура олган, Қуръони карим кўрсатмаларига самимий ихлос кўрсата олган, Парвардигорларининг амру фармонларини мунтазирлик билан кутган содиқ бандалар бўлади. Мана шу савиядаги бандалар учун ҳидоят йўлида Аллоҳнингўзи ёрдамчи бўлади. Аллоҳ сўнггида уларни ҳидоятга муваффақ қилади.
4. улар намозни адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга аниқ ишонадиганлардир;
Аллоҳ таоло ҳидоят йўлига йўллаган саодатманд мўминлар намозларини тўкис адо этишади, закотни Аллоҳ белгилаб қўйган ҳақдорларга беришади ва охират дунёсига аниқ ишонишади. Уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини шарҳлаб, ушбу фикрларни таъкидлашган: Қиёмат куни одамларнинг энг олдин ҳисоб-китоб қилинадиган амали намоздир. Агар банда намозни бу дунёда ўз вақтида адо этган бўлса, у ютуққа эришади, нажот топади. Дўзах азобидан қутулиб, жаннатга киради. Агар банда бу дунёда намозни ўқимаган ёки чала адо этган бўлса, шўри қурибди. У ўша кунда умидсиз бўлади, хусронга учраб, қийин аҳволда қолади. Фаришталар банданинг намозига назар соладилар, агар тугал бўлса, тугал деб ёзиб қўядилар. Агар намоздан бирор нарса кам бўлса, унинг камчилигини нафл намозидан олиб тўлдирадилар. Шунинг учун нафл намозни кўпроқ ўқиш керак. Бошқа фарз амаллардаги камчиликлар ҳам ўша амалларнинг нафлидан ўрни тўлдирилади. Намозида камчилик бўлганларнинг ҳоли шу бўлса, умуман бенамозларнинг ҳоли нима бўлишини ақли бор одам ўзи билиб олаверади. Қиёмат куни шарманда бўлмайлик десак, бирор ракат фарз намозни ҳам қолдирмай вақтида яхшилаб ўқишимиз лозим, бошқа вақтларда иложи борича кўпроқ нафл намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз керак.
Закот ҳам мўминни нажотга эриштирадиган амаллардандир. Ўз молидан имон-ихлос ва ихтиёр билан йилига бир марта закотни чиқариб бериш одамнинг имони ҳақиқий эканлиги тасдиғидир. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким молининг закотини бечораларга бермаса, унинг имони йўқдир», деб таъкидлаганлар. Динимиз таълимотига кўра мол нисобга (закот беришни вожиб қиладиган миқдорга) етганидан кейин у мол ичида закотга ҳақдорларнинг моли пайдо бўлади, яъни, ўзганинг ҳақи аралашади. Ўша бировнинг ҳақи чиқариб берилмагунича у мол пок ҳисобланмайди, ўзининг ҳалол молига бировнинг ҳақини - ҳаром молни қўшиб олгандек бўлади. Аллоҳнинг амрига бўйсуниб закоти чиқариб берилсагина, ўша мол покланади. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: «Қачон бир молга закот аралашса, албатта уни ҳалок қилади», деганларини мусулмон давлатмандлар жуда яхши англайдилар. Вақтида закотини чиқариб беришмаса, қолган моллари ҳам ҳаром бўлишини ва ҳалокатга учрашини биладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эҳсон Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишингдир», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Охиратга, яъни қиёматга ишониш ҳам имон шартларидан биридир. Охиратга ишониш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда охират ҳақида келган барча нарсаларга: қабрда икки фариштанинг савол қилишига, қабр азоби ва неъматига, охират куни олдидан бўладиган аломатларга, қайта тирилишга ва ҳамманинг тўпланишига (ҳашрга), номаи аъмолларнинг берилишига, кишининг савоб ва гуноҳлари ҳисоб қилинишига, мезон (тарозу)га, ҳавзга, сиротга, шафоатга, жаннат ва дўзахга, уларнинг аҳлларига ҳозирланган неъмат ва азобларга ишониш демакдир.
5. улар Парвардигорларининг ҳидоятидадир ва ана шулар нажот топувчилардир.
Аллоҳ таоло ҳидоятга эришмоғини ихтиёр қилган зотлар кимлар?! АллоҳЎзининг адолат мезонларига кўра ҳидоят қилувчи ёки залолатга йўлловчи кишилар кимлар?! Аллоҳуларга ҳидоятни ирода қилган зотлар аввало ҳидоят учун қалбларини очган, ақлларини ҳақ томон бура олган, кўрсатмаларига самимий ихлос кўрсата олган, амру фармонларини мунтазирлик билан кутган содиқ бандалар бўлади. Мана шу савиядаги бандалар учун ҳидоят йўлида Аллоҳнинг ўзи ёрдамчи бўлади. Аллоҳ охирида уларни ҳидоятга муваффақ қилади. Намоз ўқиб, закотни бериб, охиратга сидқидилдан имон келтириб, Қуръондан тўлиқ манфаатланганларгина Аллоҳ таолонинг ҳидоятидадирлар. Ана шуларгина икки дунёда нажот топиб, мўминликнинг асл саодатига мушарраф бўлишади.
6. Одамлар орасида шундайлар борки, улар илмсиз равишда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш ва уни масхара қилиш учун беҳуда сўзларни сотиб олишади. Ана шуларга хорловчи азоб бордир.
Яъни, инсонлар орасида Парвардигорнинг ҳидоятида юрган муҳсин бандалар қатори нобакор, жоҳиллари ҳам бор. Уларнинг илмлари бўлмагани ҳолда ўзларини доно кўрсатмоқчи бўлишади, одамларни Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун, динини масхаралаш мақсадида турли сафсата сўзларни, бемаъни қиссаларни сотиб олишади. Аллоҳ таоло ана шундай расво кимсаларга дунё ва охиратда хорловчи азоблар тайёрлаб қўйганининг хабарини бермоқда. Ушбу оят гарчи Назр ибн Ҳорис исмли бир шахс ҳақида тушган бўлса-да, унинг ҳукми умумийдир, барчага тааллуқлидир. Аллоҳнинг ибодатидан ва зикридан тўсувчи ҳар қандай нарса лағвдир, бефойдадир, зарардир. Лекин от минишни, сузишни, турли касбларни ўрганиш, ўз хотини билан хурсандчилик ўйинлари ўйнаш бундан мустаснодир. Мусулмон киши қимматли вақтини беҳуда сўзларга, бефойда машғулотларга сарфламайди, бунинг ўрнига ҳикмат тўла Қуръони каримни, Аллоҳнинг пурҳикмат сўзларини, Унинг Пайғамбари таълимотларини ўрганиб, икки дунё саодатига элтувчи илоҳий дастурга бўйсуниб ҳаёт кечиради.
Калбий ва Муқотил шундай дейишган: “Бу оят Назр ибн Ҳорис ҳақида нозил бўлган. У тижорат учун Форс юртига борар ва ўзга юрт халқларининг хабарларини эшитиб олиб, Қурайшга айтиб берарди. У уларга: “Муҳаммад сизларга Од, Самуд қиссаларини айтиб беряпти. Мен эса сизларга Рустам, Исфандиёр қиссаларини ва Акосира хабарларини айтиб бераман”, дер эди. Қурайшликлар унинг сўзларига мафтун бўлиб, Қуръон эшитишни тарк қилишарди. Шунда ушбу оят нозил бўлди”. Мужоҳид: “Ушбу оят ашула айтувчи, раққоса, қўшиқчи аёлларни сотиб олиш ҳақида нозил бўлган”, дейди. Абу Умомадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чўриларга қўшиқ ўргатиш, уларни сотиш ҳалол эмасдир. Уларнинг пуллари ҳаромдир”, дедилар. Шу иш билан шуғулланадиган қабилалар ҳақида ушбу оят нозил бўлган”.
7. Бизнинг оятларимиз унга тиловат қилинса, худди уларни эшитмагандек ёки қулоғида карлик бордек мутакаббирлик билан юз ўгириб кетади. Унга аламли азобнинг «хушхабар»ини беринг.
Қавмдошларини Аллоҳнинг Каломини эшитишдан чалғитиш учун бошқа ўлкалардан бефойда қиссаларни эшитиб ёки сотиб олиб келган Назр ибн Ҳорис каби нобакорларга Аллоҳ таолонинг оятлари тиловат қилинса, кибр ва ғурур билан ортга ўгирилиб кетади, илоҳий ваҳийни эшитмаслик учун қулоқларини беркитиб олади ёки ўзини карликка солади. Бундай жоҳиллар учун Аллоҳ таоло аламли азоблар тайёрлаб қўйганининг хабарини беряпти. Олдинги оятда «хорловчи азоб» дейилган эди, бу оятда эса «аламли азоб» дейилмоқда. Бу нарса нобакор одамларга турли-туман азоблар берилишининг аломатидир. Беҳуда сўзни сотиб олиб, Аллоҳнинг оятларидан юз ўгирганлар турли-туман азобларга дучор бўлиб турган бир пайтда имонли бандаларга бутунлай бошқача ҳаёт тақдим қилинади.
8. Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга неъмат боғлари бордир;
Аллоҳ таолога, Унинг Пайғамбари ва Китобига имон келтирган, дунёда солиҳ амаллар, эзгу ишлар қилиб ўтган саодатманд инсонлар Парвардигорнинг энг суюкли бандаларидир. Аллоҳ таоло уларни тақдирлаш учун охиратда неъмат ва фароғатга тўла жаннат боғларини яратиб қўйган. Дарҳақиқат, банда учун имондан ортиқ, афзал нарса бўлмаса керак. Имон амалда кўринади. Имон кўрсатадиган амал Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилишда кўринади. Шунингучун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имон қалбда виқор топган ва амал билан тасдиқ этилган нарсадир», деганлар. Ҳақиқий мўмин киши Аллоҳни эсланганида юрагини титроқ босиб, Аллоҳ таолодан қўрқиб турадиган одамдир. Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганида имони кучаядиган ва Унгагина таваккул қиладиганларгина асл мўминдир.
9. у ерда мангу қолишади. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. У қудратлидир, ҳикматлидир.
Яъни, дунёдан имон билан ўтиб, солиҳ амаллар ва эзгу ишларни кўп қилган бандаларига Аллоҳ таоло томонидан ваъда қилинган жаннат боғларида улар мангу яшаб қолишади. У ерда мўмин бандалар учун ғам-ташвиш, беморлик, кўнгилсизликлар, машақкат ва қўрқинчлар бўлмайди. Қуръони каримдаги мукофот, жаннат ва бошқа неъматлар ваъда қилинган оятларда имон билан бирга, албатта, яхши амаллар ҳам зикр этилади. Шундан келиб чиқадики, солиҳ амаллар ҳақиқий имоннинг узвий бир қисмидир. Бу оятда ҳам ноз-неъмат жаннатларига эришиш учун имон ва яхши амал лозим экани уқтирилмоқда. Ким Аллоҳнинг жаннатига эришмоқни истаса, энг аввал имонга келсин, сўнг дунё ҳаётида солиҳ амалларни, хайрли ишларни ва яхшиликларни кўп қилсин.
10. (У) сизлар кўриб турган осмонларни устунсиз яратди, сизларни тебратмаслиги учун Ерда тоғларни ташлади ва унда турли жонзотларни тарқатиб қўйди. Яна осмондан сув туширдик, у билан ҳар хил фойдали нарсаларни ўстирдик.
Аллоҳ таоло инсонларга хитоб қилиб айтяптики, сизлар кўриб турган бу устун-тиргаксиз осмонларни Парвардигорингизнинг Ўзи яратган. Сизлар яшаб турган замин зилзилалар туфайли тебраниб кетмаслиги учун унга қозиқ сифатида тоғларни ҳам барпо қилган. Ер юзида яшашлари учун турли жонзотларни яратиб, уларни Ернинг ҳамма жойига тарқатиб ҳам қўйган. Бу неъматлари устига яна осмондан сув-ёғин ёғдириб, унинг ёрдамида турли фойдали экинлар, дон ва меваларни ўстириб кўйган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “У осмондан сув туширгандир. Унинг билан турли набототни ундирдик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан бошоқли донларни, хурмонинг узун-қисқа новдаларидан шиғил ғужумларни, яна узум боғларини, бир-бирига ўхшаган-ўхшамаган зайтун ва анорларни пайдо қиламиз. Ҳар бирининг мева туккан пайтдаги ҳосилига ва пишганига боқинглар. Албатта буларда имонли қавмларга далиллар бор” (Анъом, 90). Ушбу ояти каримада инсон доимо мулоқотда бўладиган, доимо кўриб турадиган, аммо улар Аллоҳнинг қудратига, ҳикматига далил эканига эътибор қилмайдиган мавжудотларга диққат жалб этилмоқда. Оятда ер одамларни тебратмаслиги учун тоғлар яратилгани айтилмоқда. Лекин бу маъно ўзига хос услуб билан баён қилиняпти: «яратди» дейилмай, «ташлади» дейилмоқда. Дунёдаги энг салобатли, энг виқорли, энг оғир бўлиб кўринган тоғларни худди арзимаган нарса каби «ташлаши» ҳам Аллоҳнинг чексиз қудратига ишорадир. Ер юзида қанчадан-қанча жониворлар бўлган, ҳозирда ҳам бор. Одамлар уларнинг баъзиларини билади-танийди, холос. Ўша билганларини олиб кўрадиган бўлса ҳам, уларнинг ҳар бирида Аллоҳ таолонинг қудратига ва ҳикматига ёрқин далиллар топилади. Ушбу ҳақиқатни англаб етган одам албатта ана шу буюк ва қудратли Яратувчига имон келтириши, Унинг қудрати ва ҳикматига тан бериши лозим. Бундай қилмай бошқа иложи ҳам йўқ.
11. Бу Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди Ундан бошқалар нимани яратганини Менга кўрсатинглар-чи! Йўқ, золимлар аниқ адашувдадирлар.
Яъни, Аллоҳ таоло марҳамат этяптики, аввалги оятларда келтирилган мавжудотлар Парвардигорингизнинг йўқдан пайдо қилган аломат-далилларидир. Эй мушриклар, сизлар сиғинаётган ёлғон “илоҳ”лар нималарни яратган? Агар улар бирор нарса яратган бўл-са, ўшани Менга кўрсатинглар-чи! Агар бу иш уларнинг қўлидан келмас экан, унда нега бу ожиз ва нотавон “илоҳ”ларни Менга шерик қиласизлар? Аллоҳга ширк келтириш туфайли катта зулм қилган мушриклар очиқ-ойдин адашувдадирлар.
Кейинги оятларда мушрикларнинг эътиқоди ҳикматдан йироқ эканлиги ҳикмат берилган зот - Луқмони Ҳаким тилидан баён қилинади:
12. Луқмонга ҳақиқатан ҳикматни ато этдик: «Аллоҳга шукр қил, ким шукр қилса, ўзи учун қилади. Ким ношукрлик қилса, Аллоҳ беҳожатдир, мақтовга лойиқдир».
Арабча “ҳикмат” сўзи луғатда «донишмандлик, заковат» маъноларини билдиради. Истилоҳда эса тажриба билан эришиладиган тўғри билим; Ҳаққа мувофиқ, одоб-ахлоққа доир фойдали мухтасар сўз; донишмандлик, фалсафа, махфий сир, ақлу ҳақиқатга тўғри келадиган нозик маъноли қисқа сўз; ашёнинг зоҳирий ва ботиний кайфиятидан баҳс этувчи илм; Аллоҳга итоат; ақл, сўз ва ҳаракатдаги уйғунликларнинг ҳаммаси «ҳикмат» дейилади. Аллоҳ таолонинг «Кимга ҳикмат берилган бўлса, ҳаикртан унга кўп яхшилик берилибди» (Бақара, 269) деган сўзи бор. Ҳадиси шарифда эса: «Ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсасидир, уни қаерда топса, дарҳол олади», дейилган. Амалсиз оми одам ҳикмат соҳиби бўлмайди. Аллоҳ таоло Луқмонга ҳам ҳикмат берганини билдирмоқда. У кишининг исмларига «ҳаким» лақабининг қўшиб зикр қилиниши сабаби ҳам шундан. Кўпгина олимларнинг фикрича, бу киши Довуд алайҳиссалом замонларида ўтган доно киши бўлган. Баъзилар бу ҳикмат эгаси бўлган зотни пайғамбар деб ҳам айтишган. Аммо аксар уламолар, жумладан, кўпгина муфассирлар «Ҳазрати Луқмон пайғамбар эмас, ҳаким бўлган», дейишади. Чунки пайғамбарларнинг зикри келган Қуръон оятларида бу кишининг исми келмаган. Шунингдек, у кишининг пайғамбар бўлганликлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳеч бир хабар бермаганлар.
Луқмонга ато этилган ҳикматларнинг аввалида Аллоҳ берган неъматлар учун шукр қилиш васфи турибди. Дунё ҳаётида қанчалаб одам Аллоҳ берган неъматларни Аллоҳ розилиги, охират тадорики учун сарфлайди. Қанча одам эса уларни ярамас иллатлар ва разолатлар йўлида қурбон қилади. Айримлар неъмат туфайли савобга эришади, баъзилар уни ёмон иш ва йўлларга сарфлаб, осийга айланади. Кимдир ана шу беҳисоб неъматларга шукр қилиб, уларнинг ҳаққини адо қилади. Бошқа биров эса унга ношукрлик билан неъматнинг заволига учрайди. Ривоят этилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси нафл ибодатда узоқ турдилар, ҳатто муборак оёқлари толди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Ахир Аллоҳ таоло сизнинг аввалги ва охирги гуноҳларингизни мағфират этмаганми?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб: «Шукр этувчи банда бўлмайинми?» дедилар (Муслим ривояти). Неъматга шукр қилинмаса, у албатта заволга учрайди, йўқолади. Фузайл ибн Иёз айтган: «Сизларга неъматлар учун доимо шукр айтмоғингиз вожибдир. Қавмдан кетган бир неъматнинг яна қайтиб келиши жуда мушкулдир». Тана ва аъзоларимизнинг мукаммал яратилгани, ҳар бир аъзоимизнинг бенуқсон ишлаётгани, ақл-идрок, ҳис-туйғуларнинг ато этилгани учун Холиқимиз ва Парвардигоримизга ҳамиша шукр айтишга, мақтов ва ҳамдлар йўллашга буюрилганмиз. Берилган неъматларга шукр қилиш фақат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсаларни билиш билан камолига етади. Зеро, шукрнинг маъноси Аллоҳ неъматларини Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган жойларга ишлатишдир. Бунинг акси куфроналик, яъни неъматларни тарк этиш ёки Аллоҳ ёмон кўрадиган ерларда ишлатиш бўлади. Ношукр бўлган банда фақат ўзига зарар қилади. Чунки унинг ношукрлигидан Аллоҳга мутлақо зарар етмайди. Унинг шукрига Аллоҳ таоло муҳтож ҳам эмас. Аллоҳ таоло аслида беҳожат Зотдир. Унинг ҳеч бир нарсага, жумладан, бандаларининг шукр қилишига ҳам ҳожати йўқ. Шунингдек Аллоҳ таолонинг ҳамду сано ва мақтовларга ҳам эҳтиёжи йўқ, У Ўзи мақталган Зотдир.
13. Эсланг, Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтди: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма, чунки ширк улкан зулмдир».
Аллоҳ таоло томонидан ҳикмат берилган зот - Луқмони Ҳаким оталик бурчини адо этиб, ўғлига шундай панд-насиҳат қилмоқда: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма, чунки ширк улкан зулмдир». Ҳар бир отанинг ўз фарзандига қилиши лозим бўлган энг муҳим, энг асосий бош насиҳати мана шу сўзлардан иборат бўлиши лозим. Илгари ҳам шундай бўлган, ҳозирда ҳам шундай, келажакда ҳам ўз долзарблигини йўқотмайди. Шу боис ушбу оятда қачонлардир Луқмони Ҳакимнинг ҳам ўғлига шундай насиҳат қилгани васф қилинмоқда. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтда шундай насиҳат қилинган. Дарҳақиқат, ширкдан каттароқ зулм йўқ, чунки ширк барча махлуқотни яратган Холиқ, ризқ берувчи Розиқ, оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолога нисбатан энг катта жиноятдир. Аллоҳ таолога ширк келтириш, яъни Унга бирор махлуқни шерик қилиш, Аллоҳдан бошқа бут-санамларга, тош, дарахт, ой-қуёш кабиларга сиғиниш энгулкан гуноҳдир. Аллоҳ таоло қанча кўп гуноҳ бўлса ҳам мағфират этиши мумкин, аммо ширкни асло кечирмайди. Ширк қабиҳ амал ва яққол зулмдир. Ширкка мубтало бўлганлар ҳидоят йўлини тан олмай, залолатни танлаган бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг мағфирати ўрнига Унинг азоби-жазосини танлаган бўлади. Ширк каби катта гуноҳлар мўминни Ислом миллатидан чиқаради, уни қилган одам агар шу ҳолатида ўлса, абадий дўзахда қолади. Имом Мотуридий: “Бизнинг наздимизда, Аллоҳ таоло мўминларга ширкдан бошқа гуноҳларнинг кечирилиши мумкинлигига умид берган. Ихтиёр Аллоҳ азза ва жалланинг ўзида: хоҳласа - кечиради, хоҳласа - азоблайди. Шу боис ширкдан бошқа гуноҳлар учун мағфиратдан умидвор бўлиш ақлан жоиздир”, дейди. Уламолар: агар банда чин тавба қилиб, гу-ноҳлардан тийилса, Аллоҳ таоло унинг ширкдан бошқа барча гуноҳларини кечиради, деб ижмоъ қилишган.
Олдинги оятнинг давоми ўлароқ, кейинги икки оятда ота-она ва фарзанд ўртасидаги алоқалар қандай бўлиши кераклиги баён қилинади:
14. Инсонга ота-онаси ҳақида буюрдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтариб юрди. Уни сутдан ажратиш икки йилдадир. “Менга ва ота-онангга шукр қил! Қайтиш фақат Менгадир”.
Яъни, Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси ҳақида шундай таълим беряпти: онанг ҳомиладорлик чоғида ўзининг заифлигига қарамай боласини қорнида кўтариб юради, уни туққач, яна заифлигига қарамай, икки йилгача боласини эмизиб-парваришлайди. Она умр бўйи боласининг камоли йўлида жонини нисор қилади. Шунинг учун фарзанд Аллоҳга шукр қилганидан кейин ота-онасига ҳам шукр қилиши лозим. Қуръони карим ушбу оят орқали болани сутдан ажратиш муҳлатининг икки йил эканини таъкидлаяпти. Фақиҳлар шаръий эмизиш муддати икки йил экани ҳақидаги ҳукмни шу оятдан олишган. Бола икки ёшга етгунича ўз онасидан бошқа бирорта аёлни эмса, сут орқали насаб собит бўлади ҳамда ўша эмизишга боғлиқ хукмлар жорий қилинади. Мисол учун, уни эмизган аёл унга сут она, унинг эри ота, болалари ака-ука, опа-сингил бўладилар. Маҳрамлик ва никоҳ масалаларидаги ҳукмлар ҳам шунга мувофиқ кучга киради. Фақиҳларнинг аксарияти “Бир марта эмизиш билан маҳрамлик содир бўлади” дейди. Хуллас, она ҳам ҳомиладорлик даврида, ҳам эмизиш даврида бола туфайли катта қийинчиликларни бошидан ўтказади. Шунинг учун ҳам фарзандда онанинг ҳаққи отаникидан кўп бўлади.
Бизнинг туғилиб, эс-ҳушимизни танишимизда, вояга етиб, билим ва касб эгаллашимизда, инсоний фазилатлар ва яхши хулқ соҳиби бўлиб етишишимизда, хулласи жамиятга муносиб комил инсонлар қаторидан жой олишимизда ота-оналаримизнинг буюк ҳиссаси борлигини ҳеч ким инкор қилолмаса керак. Дарҳақиқат, отамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда ўзининг саъйи-ҳаракатлари, ибрати, рўзғор юритиши билан фаол иштирок этади. Онанинг бизларнинг камолга эришувимиздаги беқиёс хизматларини таърифлашга эса тил ожиз, қалам ноқис, сўз танқис. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир” деганлар ва умматларидан бу дунёда жаннат излаганларни онани рози қилишга, унинг дуосини олишга тарғиб қилганлар. Ота-онани ҳурматлаш, уларга яхшилик қилишда охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом бутун умматга, барча инсониятга ибрат ва намуна бўлганлар. У зотнинг ота-оналари илоҳий ирода туфайли дунёдан эрта ўтиб кетишса-да, Пайғамбаримиз ўзларига сут берган оналари Ҳалимаи Саъдияга бир умр эҳтиром кўрсатганлар, қачон бу аёл Расулуллоҳ алайҳис-салом ҳузурларига келса, устларидаги тўнларини ечиб, унга ўтқазганлар, хурматларини жойига кўйганлар, кейинчалик ҳам ҳолларидан хабар олиб, ҳадялар юбориб турганлар. Шунинг учун ҳам Расули акрам умматни ҳамиша ота-онага яхшилик қилишга чақириб, ота-онасининг ҳурматини жойига қўйиб эъзозламаган, уларни рози қилолмаган фарзандни жуда оғир оқибат кутиши ҳақида огоҳлантириб ўтганлар.
Алломалар фарзандларнинг ўз ота-оналари учун бутун борлиқлари - ҳам тани, ҳам тили, ҳам дили, ҳам моли билан хизматда бўлишлари, уларни рози қилиб дуоларини олишлари кераклигини уқтиришган. Имом Насафийдан ривоят қилинишича, фарзанд ота-онаси олдида олтмиш соҳада бурчли ва қарздор экан. Фарзанд зиммасида айниқса онанинг ҳаққи улуғдир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: У киши: “Қай бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан икки эшик очади. Агар улардан битталарини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Бола ота-онасидан қайси бирини хафа қилса, уни рози қилмагунча, Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди”, деди. Шунда бир киши: “Агар ота-она болага зулм қилса, бола нима қилиши керак?” деб сўради. Абдуллоҳ: “Агар улар болага зулм қилсалар ҳам бола уларни ранжитмаслиги керак”, дейдилар (Бухорий ривояти).
15. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрлашса, у ҳолда уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга юз бурганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Шунда сизларга нима амал қилганингизнинг хабарини бераман.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг ҳаққи ота-она ҳаққидан ҳам устун, олий экани зикр қилинмоқда. Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида “Холиққа маъсият (гуноҳ) саналган ишда махлуққа (яъни одамларга) итоат қилинмайди”, деганлар. Ота-онанинг фарзанддаги ҳаққи жуда кўп. Фарзандлар ота-оналарини ҳар қанча эъзозласа, уларга ҳар қанча хизмат ва итоат этишса, шунча оз. Чунки ота-она фарзанднинг дунёга келишига, униб-ўсишига сабабчи бўлса, Аллоҳтаоло ҳақиқий яратувчи ва ризқ берувчидир. Шунингучун Аллоҳ таолонинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан устундир. Агар ота-она ўз қадрини ўзи туширса, ота-оналик бурчини адо этиш, Луқмони Ҳаким каби боласини ширкдан қайтариш ўрнига, уни номаълум нарсани Аллоҳтаолога ширк келтиришга зўрлашса, нотўғри қилишади. Бу ҳолатда фарзанд уларга итоат этмайди. Бу масалада ота-онага итоат этилмаганидан кейин улардан бошқасига ҳам итоат этмаслик кераклиги аниқ бўлиб турибди. Мўмин-мусулмон киши нафақат Аллоҳга ширк келтиришда, балки умуман У Зотга нисбатан маъсият ишларда ҳеч кимга итоат этмайди. Лекин бу дегани, бошқа эътиқодда бўлгани учун ота-онангдан бутунлай воз кеч, дегани эмас.
Ато Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “(Аллоҳ) бу оятда Абу Бакр розияллоҳу анҳуни назарда тутди. У Исломга киргач, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Саид ибн Зайд, Усмон, Талҳа ва Зубайрлар унинг олдига келишиб: “Сиз имон келтириб, Муҳаммадни (алайҳиссалом) тасдиқладингизми?” дейишди. Абу Бакр: “Ҳа”, деди. Шунда улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, имон келтиришди ва тасдиқлашди. Шунда Аллоҳ таъало Саъдга ушбу оятни туширди. Яъни, Абу Бакрнинг йўлига эргашгин, деди.
Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилаётган насиҳатлари орасида келган икки оятдаги бу «чекиниш»дан сўнг гап мавзуи яна у кишининг ўғлига бераётган ўгитларига қайтади:
16. «Эй ўғилчам, агар у ҳардал уруғи вазнича бўлса ҳам, у бир харсангтош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам Аллоҳ уни келтиради. Аллоҳ лутфли ва хабардордир;
“Хардал” ачитқининг (ажнабий тилда “горчица”нинг) уруғи бўлиб, у шунчалик майдаки, ҳатто уни қўлда тутиб туриш ҳам қийин. Луқмон ҳаким ўғлига таълим беряптики, эй ўғилчам, агар банданинг амаллари хардал уруғи каби кичик бўлса ҳам, у бир харсанг-тош ичида яшириниб қолиб кетган бўлса ҳам, осмонларга чиқиб ёки ер қаърига кириб кетган бўлса ҳам қиёмат куни ҳисоб-китоб чоғида Аллоҳ таоло ўша амални бандасининг қаршисида ҳозир қилади. Ушбу оятда бандаларнинг дунё ҳаётида қилган амалларининг ҳисоб-китоби қиёматда қанчалик даражада аниқ ва дақиқ бўлиши баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло ўта лутфли бўлганидан энг майда нарсаларни ҳам билади, ўта хабардор бўлганидан бандаларининг энг кичик амалларидан ҳам хабардордир. Шунинг учун банда ғофил бўлмаслиги лозим. Аллоҳ таоло унинг ҳар бир ишини билиб, хабардор бўлиб турганини ҳисобга олиб, Аллоҳдан ҳамиша хавфда турсин, амалларини фақат Унинг розилигини топиш учун қилсин.
Луқмони Ҳаким ўғлини ширкдан қайтариб, тавҳидга йўллаганидан, охират ҳисоб-китобидан огоҳлантирганидан кейин Аллоҳга имон келтирган, охиратдаги оқибатидан умидвор этган ҳар бир мўмин-мусулмон қилиши лозим бўлган ушбу амалларга буюради:
17. эй ўғилчам, намозни адо эт, яхшиликка буюр, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган нарсага сабр қил. Булар албатта муҳим ишлардандир;
Ушбу ояти каримада Луқмони ҳаким ўғлига тўртта муҳим ишни буюряпти: намозни тўкис адо этиш; яхшиликка буюриш (амри маъруф); ёмонликдан қайтариш (наҳйи мункар); бошига тушган ҳамма нарсага сабр қилиш. Аллоҳга имон келтириб, охиратдан умидвор бўлган ҳар бир мусулмон қилиши зарур бўлган энг муҳим ишлар мана шулардир. Ҳақиқатан, намоз Аллоҳ таоло инсонларга буюрган энг муҳим, энг зарур ибодатдир. Устунсиз иморат бўлмаганидек намозсиз дин ҳам бўлмайди, охиратда бандадан энг биринчи сўраладиган амал ҳам намоздир. Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарз (мажбурий)дир, унинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлади. Намоз - Ислом динининг иккинчи рукни, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз саналади. Намозни масжидларда жамоат билан ўқишнинг алоҳида фазилати ва афзаллиги бор. Намоз мусулмон банданинг Аллоҳ ато этган сон-саноқсиз неъматларга шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп. Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир. Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Шу ибодат ёрдамида руҳий, маънавий лаззат олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози билан ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди» (Абу Довуд ривояти).
Амри маъруф, яъни яхшиликка буюриш ҳам банда зиммасидаги энг зарур вазифалардандир. Аллоҳ таоло барча мусулмонларни амри маъруф қилишга, яъни яхшиликларга буюришга амр қилган. Амри маъруф шариатимизда фарзи айн (барчага бажариш шарт) ҳисобланади. Динимиз талабига кўра мусулмонларнинг бир-бирларини Ҳақ йўлга, яхшилик, гўзал ахлоққа чақиришлари, амалда ўзлари ўрнак бўлиб, бошқаларга дўстона, беғараз панд-насиҳат қилишлари амри маъруфдир. «Маъруф»нинг: динимиз ва ақл яхши деб айтган нарсалар, ҳар ким яхши деб билган нарсалар, маълум нарсалар деган маънолари бор. Наҳйи мункар, яъни «ёмон ишлардан қайтариш» ҳам банданинг мажбуриятларидандир. Қуръони карим ҳукмига кўра, мусулмонлар амри маъруф (яхши ишларга буюриш) ва наҳйи мункар (ёмон ишлардан қайтариш) қилишга буюрилишган. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй мусулмонлар), одамларга рўбарў қилинган умматнинг энг яхшиси бўлдинглар: яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар ва Аллоҳга имон келтирасизлар. Агар Аҳли китоблар ҳам имон келтиришганида эди, ўзларига яхшироҳ бўларди. Улардан имонлилари ҳам бор, аммо кўплари фосиқлардир” (Оли Имрон, 110).
Шунга биноан, кишиларнинг ёмон, гуноҳ амалларни тарк этишлари ва бошқаларни ҳам бундан қайтаришлари динимизда фарз саналади. Бани Исроил мункар ишларни қилгани учун лаънатланган. «Мункар»нинг қуйидаги истилоҳий маънолари бор: динимиз ва ақл ёмон кўрган нарсалар, ҳар ким ёмон деб билган нарсалар, ёқтирилмайдиган ва қабул қилинмайдиган нарсалар. Саҳобалардан Умайр ибн Ҳабиб розияллоҳу анҳу ўғилларига қилган васиятларида, жумладан, шундай деган: «Қай бирингиз амри маъруф ва наҳйи мункар қилмоқчи бўлса, аввало, мусибатларга ҳозирлансин ва Аллоҳ таолодан савоб келишига ишонсин. Чунки кимнинг Аллоҳдан савоб келишига қатъий қаноати бўлса, ўзига етган азиятни сезмайди».
18. такаббурлик билан одамлардан юз бурма ва ерда керилиб ҳам юрма. Аллоҳ барча кеккайган ва мақтанчоқларни севмайди;
Бу ояти каримада бир неча ижтимоий одоблар ҳақида сўз юритилмоқда. Мусулмон киши учун ўзгаларни камситиш, уларни паст санаш, такаббурлик қилиш жуда ёмон иллатлардандир. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак. Кибрнинг қанчалар ёмонлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан нақл қилинган ривоятда: «Кимнинг қалбида заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди», дейилган. Шунингдек, Ибн Абу Лайло ривоят қилган ҳадисда: «Ким кийимини кўз-кўз қилиб, мақтанчоқлик билан судраб юрса, Аллоҳ таоло унга назар солмайди», дейилган. Юриш-туриш, одамлар билан муомала ва муносабатларда, инсон ўзини жамиятда қандай тутиши кераклиги борасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга олий ибратдирлар. У зотнинг бутун ахлоқлари, фазилат ва хислатлари Қуръони каримга асосланган эди. У зот инсонларнинг энг одоблиси, энг гўзал хулқлиси эдилар. Барча билан муомалада ўта одобли, марҳаматли, раҳм-шафқатли ва самимий бўлганлар, ҳеч кимга қаттиқ гапирмаганлар, ўзганинг дилини оғритмаганлар, бировга ғазаб қилмаганлар. Шахдам қадамлар билан мўътадил юрганлар ва овозларини баланд кўтармай, дона-дона гапирганлар, кулганда қаҳ-қаҳ отмай, овозсиз табассум қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг», деганлар (Ибн Можа ривояти). Оятдаги «юз бурма» деб таржима қилинган «тусоъир» сўзи аслида туяларда учрайдиган бир касалликни англатади. Шундай касалликка мубтало бўлган туя доимо бошини пастдан юқорига ҳаракатлантириб, ён тарафга силтаб турар экан. Мутакаббирлик билан бурнини жийириб, юзини одамлардан ўгирадиган кишилар ана шундай касал туяга ўхшатилмоқда.
19. юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир, чунки овозларнинг энг ёмони эшаклар овозидир».
Ушбу ояти каримада Луқмони ҳаким ўғлига яна мўътадил юриш ва баланд овозда гапирмасликни ўргатяпти. Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза бир гавҳар каби ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, яхши, одобли бўлиб ўсади. Бунинг савобига эса, ота-онаси ва устоз-мураббийи ҳам шерик бўлади. Агар ёмонликка ўргатилса, ёмон, бадхулқ бўлиб ўсади. Бунинг гуноҳига ота-онаси ва мураббийи ҳам шерик бўлади. Унинг тарбиясига мутасадди киши (ота-она, васий ва тарбиячилар) уни турли ёмонликлардан, ахлоқсизликлардан сақлаши, унга муносиб таълим-тарбия бериши лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатишсин, уни ёмон болалар таъсиридан сақлашсин, ўткинчи, ҳавойи лаззатларга қизиқишга одатлантиришмасин, уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтиришмасин. Шундай одоблардан бири юришда мўътадил бўлиш экан. Исломий одобга кўра, агар бирор юмуш юзасидан уйдан кўчага чиқаётганда “Бисмиллаҳи, таваккалту ъалаллоҳи, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” («Аллоҳ номи билан, Аллоҳга таваккал қилдим, Ундан бошқада куч-қудрат йўқ») деб чиқилса, уйга қайтгунча бало-офатлардан омонда бўлинади. Кўчада камтарона, тезлашмай ёки сустлашмай оҳиста, тўппа-тўғри юриш мусулмоннинг одобидир. Кўчада уёқ-буёққа анқайиб, аланглаб, таом еб, писта чақиб, ялангоёқ юриш, туфлаш, бурун қоқиш, ифлос жойларни босиш одобимизга тўғри келмайди. Йўлда юрганда одамларга халал берувчи пўчоқ, тош, сим, шох-шабба каби нарсаларни бир четга олиб ташлаш ҳам одобимиздан. Кетаётганда йўл четида ўтирган ёки қаршисидан чиққан одамларга салом бериб ўтилади, салом берилса алик олинади. Кўчада шошилиб, қадамни катта ташлаб, одамларни туртиб-суртиб юриш яхши эмас. Фақат жамоат намозига кечикаётгандагина шошилишга рухсат берилади. Бозор, масжид каби жамоат жойларида, гавжум жой ва кўчаларда бошқаларга азият етказмай оҳиста, эҳтиёткорлик билан, бировнинг оёғини босиб олишдан қўрқиб юрилади. Йўлда кетаётганда ўзгаларнинг очиқ эшикларидан ичкарига қарамаслик, юмуши бўлмаса бировнинг уйи олдида турмаслик керак.
Яхшилар одобининг яна бир кўриниши паст овозда сўзлаш, бақир-чақир қилмаслик, ҳамиша тилни тийиб юришдир. Эшакнинг баланд овозда ҳанграши қулоққа қанчалар ёқимсиз бўлса, баланд овозда, бақириб гапирадиган кишининг овози ҳам шунчалик ёқмайди. Бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, фаҳш, сўкиш, одобсиз, ахлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат, чақимчилик ва бошқалар тил офатларидандир. Буларнинг ҳаммаси динимизда қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган. Чунки бу сўзларнинг манбаи ёмонлик ва маломатдир. Мажлисларда уни бошқараётган олим ёки фозил киши, адолатли ҳоким ёки қозининг изнисиз сўз айтиш, бошқаларни оғзига қаратишга уриниш, қаттиқ овозда кулиш, ёндагилар билан гаплашиб ўтириш, шовқин билан овқатланиш ғирт одобсизлик саналади. Гапираётганида эса овозни баландлатмаслик, ўнгу-сўлга қарамаслик, ғаразли, кинояли гапларни айтмаслик, қаттиқ гапириб, бетгачопарлик қилмаслик, ўйлаб, мулоҳаза билан сўз айтиш, кўп гапириб. ақли ноқислик қилмаслик зарур. Бир киши сўзлаётганда сўзловчининг сўзи бўлинмайди, унга танбеҳ берилмайди, ҳамсуҳбатларга хушомад, кўп мазах ва мутойиба қилинмайди. Юриш-туриш ва ўзини жамиятда қандай тутиш борасидаги энг олий мисол Набий соллаллоху алайҳи васалламнинг сийратларидир. У зот шаҳдам қадамлар билан мўътадил юрганлар ва овозларини баланд кўтармай, дона-дона гапирганлар. Зикр қилинишича, Луқмони Ҳаким ўлими маҳалида ўғлига шундай деган: «Шу пайтгача сенга кўп насиҳат қилдим. Энди мен сенга олдингилару охиргиларнинг илмини жамлаган олтита нарсани васият қиламан: 1) дунёнинг керагидан ортиғи билан машғул бўлиб қолма; 2) Аллоҳ таолога ҳожатинг борича ибодат қил; 3) охиратда қандай мақомни кўзлаётган бўлсанг, унинг учун шу миқдорда амал қил; 4) шуғулланишинг дўзахнинг ҳар бир жонга тегиши аниқ бўлган оловига чидаминг миқдорида бўлсин; 5) Аллоҳга гуноҳ қилишинг Унинг азобларига сабр қилишинг миқдорича бўлсин; 6) Аллоҳга гуноҳ қилгудай бўлсанг, Аллоҳ ва фаришталар кўрмайдиган жойда қил».
Луқмоннинг ўғлига қилган панд-насиҳати тугагач, кейинги оятларда Аллоҳ таоло махлуқотларга, жумладан, инсонларга қандай неъматлар ато этганини зикр қилади ва уларни ўша неъматларни танишга, уларга шукр қилишга чақиради:
20. (Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги нарсаларни сизларга беминнат хизматкор қилиб қўйганини, сизларга зоҳирий ва ботиний неъматларини мукаммал қилиб берганини кўрмадингизми?! Одамлар орасида илмсиз, ҳидоятда бўлмаган ва равшан китобсиз ҳолида Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ҳам бор.
Яъни, Аллоҳ таоло инсонни Ўзининг Ер юзидаги ўринбосари қилиб тайинлаган ва У инсонларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйган. Осмонларда мавжуд ҳамма нарса - ҳаво, қуёш, ойми, юлдузлар, ёмғир-қор, қуш ва бошқа нарсаларнинг ҳаммаси бирор нарса ёки ҳақ талаб қилмай, инсонга беминнат хизмат қилади. Шунингдек, Аллоҳ таоло Ердаги мавжудотларни ҳам инсон учун беминнат хизматкор қилиб қўйган. Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ер юзидаги турфа наботот, ҳайвонот ва жамодотни уларга бўйсундириб қўйган. Чунки мол-дунё, маскан, таом, кийим, рўзғор анжомлари каби неъматларсиз турмуш кемтик бўлиб қолар эди. Инсоннинг ҳаёт кечириши учун куч-қувват, жисмоний баркамоллик, саломатлик, уйқу, хотиржамлик, тинчлик-осойишталик кабилар ҳам ниҳоятда кераклидир. Банданинг Аллоҳ розилигини топиши учун зарур имон, илм, ибодат, ихлос, ҳидоят ва ахлоқ каби ухровий неъматлар эса ҳаммасидан ҳам қийматли ва муҳимдир. Неъматларнинг энг афзали охират саодати ва Парвардигор висолидир. Инсонлар бу беминнат неъматларнинг кўпи ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Ваҳоланки, Аллоҳ инсонга ақл берди, ақли билан бу неъматни танисин, деди. Пайғамбарлар юборди, улар одамларга Аллоҳнинг беминнат неъматларини танитиб, шукр қилишга чақирдилар. Китоблар нозил қилди, улар ҳам одамларга мазкур неъматларни баён этди. Мана, илоҳий китобларнинг охиргиси бўлмиш Қуръони карим ҳам инсонларни Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишга даъват этиб турибди.
Одамлар орасида шундайлари борки, уларнинг ўзларида бу ҳақда заррача илм йўқ, ўзлари Аллоҳнинг ҳидоятида ҳам эмаслар, қўлларида Аллоҳ томонидан нозил қилинган самовий равшан китоб ҳам мавжуд эмас. Аммо шунча камчиликларига қарамай, улар Аллоҳ ҳақида, Унинг сифатлари борасида, У Зотнинг яратувчилик қудрати тўғрисида бефойда баҳслашаверадилар, тортишаверадилар. Турли бемаъни фикрларга бориб, буларни ҳақ деб ўйлайдилар ва охири боши берк кўчага кириб, Аллоҳга турли сохта илоҳларни шерик қилишга ўтадилар. Бундан ортиқ нодонлик, бундан ҳам зиёда жоҳиллик бўлиши мумкинми?
21. Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар» дейилса, «Йўқ, оталаримизни нима устида топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар шайтон уларни оловнинг азобига чақириб турган бўлса ҳамми?!
Юқоридаги оятда зикри келган, Аллоҳ ато этиб қўйган беҳисоб неъматларга шукр қилмай, илмсиз, ҳидоятсиз ва равшан китобсиз ҳолда Аллоҳ ҳақида тортишадиган ана ўша кимсаларга “Парвардигорингиз нозил қилган нарсага, яъни Қуръони каримга, У Зот юборган Пайғамбарга эргашинглар” дейилса, улар дарров итоатсизлик кўрсатиб, саркашликка ўтишади. “Йўқ, бизлар оталаримиз сиғинган нарсаларга ибодат қиламиз, улар қабул қилган эътиқодда юрамиз”, дейишади. Уларнинг нодонлиги шунчаликки, улар оталари юрган йўлларнинг ҳақ бўлиб чиқмаслиги, улар шайтоннинг иғвосига учиб, залолат йўлларида адашиб-тентираб юрган бўлишлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Ҳақ йўлдан адашган оталарининг оқибати дўзах бўлса ҳам, улар шайтон изидан эргашиб, икки дунёларини бой берган бўлсалар ҳам оталарига тақлид қилиб, залолатда юришаверади. Агар уларда озгина илм, салгина фаросат, бироз тафаккур бўлганида илмга асосланган, илоҳий ҳидоят бўлган, икки дунё йўлини ёритувчи Қуръондек Китобни ўзига дастур қилинган Исломга эргашмаймиз, дейишармиди?! Шунинг учун ҳам оят сўнгида Аллоҳ таоло уларга қуйидаги инкор этувчи саволни бермоқда: “Агар шайтон уларни оловнинг азобига чақириб турган бўлса ҳамми?!” Эътиқод ва имонда олдингиларга тақлид қилиш кишининг адашувига ёки залолатга кетишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.Ўтмишда кўпгина қавмлар ота-боболари эътиқодига тақлидан суяниб, ҳидоятни, Ҳақни топа олишмади. Тақлид фақат шариат соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган, айтган нарсаларга бўлади. Агар феъллари Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан эшитганларига далолат қилса, яна саҳобаларга, солиҳ салафларга ҳам тақлид қилинади.
22. Ким яхшилик қилувчи ҳолида Аллоҳга юзланса, ҳақиқатан у мустаҳкам тутқични ушлабди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтади.
Яъни, ким Аллоҳга итоатда бўлиб, Унга чин дилдан, ихлос билан ибодат қилса, Унинг амрларига бўйсуниб, шариатига эргашса, қайтарганларидан четда бўлиб, ҳар ишда фақат Парвардигорининг розилигини истаса, бу одам ишончли арқонни, нажот ҳалқасини қўлида тутган бўлади. Ислом динини тутиш икки дунё саодатига элтувчи нажот йўлидир. Ишларнинг оқибати, яъни қиёматда кимларнинг гуноҳлари сабабидан дўзахга тушиши, кимларнидир дунёда солиҳ амаллар, яхшиликлар қилиб, имон билан ўтиши сабабидан жаннат ила мукофотланиши Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқдир. Шунинг учун ким икки дунё саодатига эришишни хоҳласа, энг аввало Аллоҳ таолога имон келтирсин, У нозил қилган Қуръонга, юборган Пайғамбарига эргашсин, Аллоҳнинг амр-фармонларини бажариб, ҳаётини солиҳ амаллар билан безасин. Бу мўмин банда учун энг гўзал оқибатдир!
23. Ким куфр келтирса, унинг куфри сизни (эй Муҳаммад), хафа қилмасин. Уларнинг қайтишлари Бизгадир, шунда уларга қилган амалларининг хабарини берамиз. Аллоҳ диллардаги сирларни билувчидир.
Аллоҳ таоло севимли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга тасалли бериб айтяптики, «Эй Пайғамбарим, бошқаларнинг куфр келтиришлари, имондан юз ўгиришлари сизни асло хафа қилмасин. Куфр келтирганларнинг илоҳий ваҳийларни инкор қилиб, бунинг оқибатида азобимизга гирифтор бўлишлари сизнинг хафа бўлишингизга арзимайдиган ҳолатдир. Уларга эътибор ҳам берманг, уларни ҳидоятга бошлайман деб, жонингизни ҳам койитманг, чунки уларнинг диллари имонни қабул қилмайдиган ҳолда муҳрлаб ташланган. Агар улар оқибатда албатта Бизга қайтишларини, ҳеч қаёққа қочиб қутула олмасликларини, ўшанда уларга дунёда қилган амалларининг хабарини беришимизни билишганида бунчалик итоатсизлик кўрсатиб, куфр йўлини тутмаган бўлишарди. Уларнинг нега куфр келтиришгани, бунинг оқибатида қанчалик улкан гунохга қўл уришгани, борар жойлари қаер бўлишининг хабарини уларга албатта етказамиз ва қилмишларининг жазосини тўлиғича берамиз. Парвардигорингиз уларнинг ҳаммага аён амаллари уёқда турсин, ҳеч кимга билдирмай, дилларида пинҳон тутган сирларигача ҳаммасини билиб турувчи хабардор Зотдир. Шундай бўлгач, Ундан қилмишларини яшираман деб, бекорга уринишмасин, вақт борида тезроқ имонга келиб, гуноҳларига тавба қилишсин!
24. Уларни бироз фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобга мажбурлаймиз.
Аллоҳ таоло бу дунёда гуноҳлар дарёсига ғарқ бўлган осий бандаларидан ҳам карами ва марҳаматини дариғтутмайди, уларга ҳам беҳисоб ризқ эшикларини очиб қўяди, уларни ҳам мўминлар қатори дунё лаззатлари ва матоҳларидан баҳралантиради. Аммо бу Аллоҳнинг бир синовидир, уларнинг ўнгланишлари учун берилган муҳлатдир. Улар ҳақ йўлга қайтишса, Аллоҳнинг мукофотини қўлга киритишади, аммо куфрларида бардавом бўлиб, имонга келишмаса, ёмонликларининг азобини тортишади. Дунёда бироз ёлғон роҳатда юргандай бўлишадию, охиратда оқибатлари ниҳоятда хатарли бўлади. Аллоҳнинг қаттиқ ғазаби ва азобига учраб, абадий аламли азобда қолишади.
25. Агар улардан: «Осмонлару Ерни ким яратган?» деб сўрасангиз, албатта «Аллоҳ» дейишади. Сиз: «Аллоҳга ҳамд бўлсин», денг. Йўқ, уларнинг кўплари билишмайди.
Кибр ва ғурурлари туфайли Аллоҳнинг дини ҳақида тортишиб-баҳслашиб юрган, куфрлари сабабли илоҳий ваҳийларни инкор қилаётган кимсалардан “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” деб сўрасангиз, улар буларнинг эгаси ягона Аллоҳ эканига ақллари етганидан “Аллоҳ!” дейишади. Аммо ўзлари ана шундай қудратли яратувчига имон келтиришмайди, Пайғамбарига эргашишмайди, амр-фармонларини инкор қилишади. Сиз, эй Пайғамбарим, уларнинг бу эътирофи учун “Аллоҳга мақтовлар бўлсин!” деб айтинг. Ҳар бир инсон инсоф билан ўзининг кимлигини, атрофидаги мавжудотларни мулоҳаза қилиб, фикр юритиб, ўйлаб кўрса, бор ҳақиқатни англаб етади. Дунёдаги барча мавжудот ва махлуқотнинг ягона яратувчиси АллоҳтаолонингЎзи эканини,Унинг бунда ҳеч бир шериги йўқлигини, У ҳеч қандай шерикка ҳам, уларнинг ёрдамига ҳам муҳтож эмаслигини англаб етади. Лекин адашувда юрган кимсаларнинг кўплари бу ҳақиқатни билишмайди, шунинг учун имонга келиш ўрнига шубҳа-гумонлар, хато таълимотлар ва сохта назариялар гирдобида адашиб-тортишиб юришаверади. Куфр ва ширк ботқоғига ботганча икки дунёларини бой бериб, ғафлатда қолишаверади.
26. Осмонлару Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Аллоҳ беҳожатдир, мақталгандир.
Аллоҳ таоло шунчалар қудратли ва буюкки, осмонлардаги бор мавжудотларни - қуёш, ой каби сайёраларни, беҳисоб юлдузларни, миллиардлаб галактикаларни, бошқа осмон жисмларини Ўзи яратган ва уларга якки Ўзи эгалик қилади. Аллоҳ таоло шунчалар қудратли ва ҳикмат эгасидирки, Ер юзидаги барча махлуқотни - инсонлар, жинлар, ҳайвон ва қушлар, ҳашарот ва бошқа жонли-жонсиз мавжудотларни ёлғиз Ўзи яратган. У барчаларига ҳаёт бағишлаган ва ўлдирадиган, ризқ берган ва қиёмат куни эса уларни қайта тирилтирадиган Зотдир. Кофирлар истайдими-йўқми, тан оладими-йўқми, аслида, осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳнинг мулкидир ва ҳаммаси устидан фақат Ўзи эгалик, ҳомийлик қилади. Аллоҳнинг Ўзи яратган бандаларига асло ҳожати тушмайди, уларнинг имон келтиришига ҳам, ибодат қилишига ҳам, шукр келтиришига ҳам, мақтов йўллашига ҳам асло муҳтож эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи аслида мақталган Зотдир.
27. Агар Ер юзидаги ҳамма дарахт қалам бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлсаю) ва ундан кейин яна етти денгиз ёрдамга келса ҳам Аллоҳнинг сўзлари тугамасдир. Аллоҳ қудратлидир, ҳикматлидир.
Аллоҳ таолонинг илми, қудрати, имконияти чексиз бўлганидек, сўзлари ҳам чексиздир. Бордию борлиқдаги ҳамма дарахтларни қалам қилиб, дунёдаги барча сувлар сиёҳга айлантирилса-да, яна унга бунинг етти баробар кўпи қўшилиб, ўша қаламларни шунча сиёҳга ботириб Аллоҳнинг сўзлари ёзилса, қаламлар адо бўлади, денгиз-денгиз сиёҳлар ҳам тугайди, аммо Аллоҳ таолонинг сўзлари тамом бўлмайди. Аллоҳ азза ва жалла ана шундай қудратли ва ҳикматлидир.
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Ибн Исҳоқ шундай ёзади: “Ибн Аббосдан ривоят қилинишича, у шундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудий олимлари “Эй Муҳаммад, сен “сизларга оз илм берилгандир” деган сўзинг билан бизларни назарда тутганмисан ёки қавмингними?” деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаммани”, дедилар. “Сен ўзингга келган нарсада (Қуръонда) бизга Таврот берилганини ва унда ҳамма нарсанинг баёни келганини тиловат қиласан-ку!” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг илми олдида шубҳасиз у камдир. Агар унга тўлиқ амал қиладиган бўлсангиз сизларга кифоядир”, дедилар. Аллоҳ бу сўраган нарсалари ҳақида ушбу оятни нозил қилди: “Агар Ер юзидаги ҳамма дарахт қалам бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлсаю) ва ундан кейин яна етти денгиз ёрдамга келса ҳам Аллоҳнинг сўзлари тугамасдир. Аллоҳ қудратлидир, ҳикматлидир” (Яъни, Аллоҳнинг илми олдида Таврот озгинадир)”.
Муфассирлар яна айтишади: “Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашди. Шунда Аллоҳ таоло “Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ Парвардигоримизнинг ишларидандир. Сизларга озгина илм берилди” оятини нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида яҳудийларнинг олимлари келиб: “Эй Муҳаммад, бизга хабар етдики, сен: “Сизларга озгина илм берилди” деган эмишсан. Сен бу билан қавмингни назарда тутдингми ёки бизни ҳам назарда тутдингми?” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаммани назарда тутдим”, дедилар. Улар: “Сенга келган нарсада бизга Таврот берилганини ва Тавротда ҳамма нарсанинг илми борлигини тиловат қилмайсанми?” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу Аллоҳ субҳанаҳунинг илми олдида (жуда) озгинадир, дарҳақиқат Аллоҳ таоло сизлар амал қилсангизлар сизларга фойдали бўлган нарсани бергандир”, дедилар. Улар: “Эй Муҳаммад, сен: “Кимга ҳикмат берилса, дарҳақиқат унга кўп яхшилик берилибди”, дейсан-ку. Озгина илм ва кўп яхшилик қандай жам бўлади?” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятини нозил қилди”.
28. (Эй инсонлар), сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам биргина жонники кабидир. Аллоҳ эшитувчидир, кўриб турувчидир.
Яъни, бутун оламларни яратиш ҳам, биргина оддий инсонни яратиш ҳам Аллоҳ учун баробардир, жуда осондир. Аллоҳ таоло нимани яратишни ирода қилса, биргина “Кун!” (“Бўл!”) сўзини айтса кифоя, ўша нарса дарҳол вужудга келади. Эй инсонлар, дунёда турфа хил одамларнинг кўплигидан “бунча одамни Аллоҳ таоло қандай ярата олади?” деган хаёлга борманглар. Ҳозиргача дунёдан ўтган одамларнинг ниҳоятда кўплигидан “Аллоҳ шунча ўликни қандай қилиб қайта тирилтирар экан?” деган шубҳалар гирдобида чалғиманглар. Дунёдаги барча одамларни яратиш, ҳамма ўликларни қайта тирилтириш Аллоҳ таоло учун ҳеч нарса эмас, асло қийинчилик туғдирмайди. Уларнинг барини яратиш ва қайта тирилтириш Унинг учун бир жонни яратиш ёки қайта тирилтириш кабидир. Бир жонни яратиш ёки қайта тирилтириш Аллоҳ учун иш эмас, «Бўл» деса кифоя, албатта амалга ошади.
29. Аллоҳ кечани кундузга киритишини, кундузни кечага киритишини, қуёш ва ойни маълум муддатгача юрадиган қилиб бўйсундириб қўйганини ва Аллоҳнинг қилаётган амалларингиздан хабардор эканини кўрмадингизми?!
Аллоҳ таоло ушбу оятда “кечани кундузга киритамиз” жумласи орқали Ернинг юмалоқ эканига ишора қилмоқда. Агар Ер ясси бўлганида кеча кундузнинг ичига кирмас ёки аксинча бўлмас эди, балки бир жойда ҳамиша кундузи, бошқа ерда фақат тун бўларди. Қуръони каримнинг бу ҳикматини замонавий илм яқиндагина кашф этди. Худди шу каби Қуръони карим қуёш ва ойнинг маълум илоҳий низом асосида ҳаракатланиши хабарини беряпти. Дастлабки халқларда ой ўз нурига эга, деб тушунишган. Бугунги кунга келиб эса, илм-фан ой нури фақат қуёш нурининг акси эканини айтмоқда. Қуръон эса бу илмий далилни бундан ўн беш аср олдин айтиб қўйган: “Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ (қуёш) ва нур сочувчи ой қилган Зот баракотлидир” (Фурқон, 61). Аслида қуёшни билдирувчи арабча сўз “шамс” бўлиб, уни ифодалаш учун Қуръонда чироқ маъносидаги “сирож” сўзи ишлатилган. Ойни англатувчи арабча сўз қамар бўлса-да, Қуръонда уни тасвирлаб “мунир” сўзи келади, бу “нур таратувчи”, яъни “нурни акс эттирувчи” деган маънони билдиради. Демак, қуръоний ифода ойнинг табиий ҳолатига тўлалигича мувофиқ келмоқда, яъни, ойнинг бевосита ўзи нур сочмаслиги, фақатгина қуёш нурини акс эттириши айтилмоқда. Ғарб олимлари ва файласуфлари узоқ йиллар мобайнида Ерни бутун оламнинг маркази, бошқа барча жисмлар, шу жумладан қуёш ҳам Ернинг атрофида айланади, деган фикрни илгари суришган. “Оламнинг геоцентрик маркази” дея аталган ушбу тушунча Ғарбда милоддан олдинги иккинчи асрда яшаган Птоломей давридан бери ҳукмрон эди. 1512 йили Николай Коперник ўзининг гелиоцентрик назариясини илгари сурди, унга кўра, қуёш ўз системаси марказида ҳаракатсиз туради ва бошқа планеталар унинг атрофида айланади.
1609 йили немис олими Иоҳанн Кеплер “Янги астрономия” китобида қуйидаги хулосасини билдирди: сайёралар нафақат ўз эллиптик орбиталари бўйлаб қуёш атрофида, балки ўз ўқлари атрофида ҳам айланиб туради. Шу нарса маълум бўлгач, европалик олимлар учун қуёш тизимидаги кўплаб ҳолатлар, шу жумладан, кеча ва кундузнинг кетма-кетлигини тўғри тушунтириб беришга йўл очилди. Дунё яралганидан буён кеча билан кундуз алмашиб туради. Бу жараён миллиардлаб йиллардан буён бирон марта тўхтагани йўқ, бирор сонияга кеч қолгани ёки олдин кетгани йўқ. Хўш, бу тартибни жорий этган Зот одамларни яратишдан ёки қайта тирилтиришдан ожиз бўладими?! Аллоҳ қуёшдек улкан нарсани инсонга беминнат хизматкор қилиб қўйган. Қуёш бўлмаса, кундуз бўлмайди, иссиқлик чиқмайди. Қуёш инсон учун ҳам, унга зарур бўлган жамодот, наботот ва ҳайвонот оламлари учун ҳам ғоят керакли нурни етказиб берадиган улуғ неъматдир. Бундай улкан ишни ҳеч бир машаққатсиз бажарган Аллоҳ таоло инсонларни ярата олмасмиди ёки қайта тирилтиришга ожиз бўлармиди?
30. Бу Аллоҳнинг Ўзигина ҳақ экани, Уни қўйиб илтижо қилаётганлари эса ботил экани ва Аллоҳнинг Ўзигина олий, буюк эканидандир.
Аллоҳнинг ҳақ эканига, Унинг ўрнига илтижо қилинаётган бут-санамларнинг ботил эканига асло шак-шубҳа бўлмаслиги керак. Бу АллоҳнингЎзигина олий ва буюк эканига далолатдир. Одамлар Аллоҳдан ўзга кимни, нимани худо билиб илтижо қилсалар, ҳаммаси ботилдир. Аллоҳ таолодан ўзга инсоннинг илтижосига, ибодатига сазовор, муносиб зот йўқ. У зот камбағалларни беҳожат қилади, ҳар бир қийналганни енгилликка чиқаради, мусибатга учраганларни сабот ва сабрга муваффақ қилади, агар мажбуриятларини адо қилишса, мусибат эвазига улкан ажрга мушарраф қилади. Синиқ, ўксик қалблар у Зот сабабли тузалади, малҳам топади. Аллоҳ таоло баъзан махлуқотларини қийин бир имтиҳонга солади. Ушбу имтиҳон пайтида Аллоҳнинг душманлари гўё кучли бўлади, айтган нарсаларини амалга оширадилар. Шунда имони заифлар уларни илоҳ деб ўйлаб, улар олдида тиз чўкишади. Аслида Аллоҳ таоло Жаббор (ҳаммадан олий) исмини ҳам, Қаҳҳор (барчадан ғолиб) исмини ҳам, Азиз (ўта қудратли) исмини ҳам ҳеч кимга топшириб қўймайди. Аксинча, бу мақомларга даъвогарлик қилишга уринганларни яксон қилади. Аммо У Зот бирор умматни йўқ қилиш учун маълум муддатни тайин қилиб қўйган бўлиб, ўша муддат келгунча қўйиб беради, холос. Кишилар ёки миллатлар ҳар қанча умр кўрмасин, агар зулм ва туғёнга кетиб, бошқаларга жабр-зулм қилишса, Аллоҳ белгиланган муддатда уларни ер билан яксон қилади. Бир инсон такаббурлик қилса, ҳақсиз такаббурлик қилган бўлади, чунки аслида у заиф, фақир ва жоҳилдир. Унинг такаббурлиги ботилдир. Аммо Аллоҳ таолони улуғ десак, У Зотнинг азаматини ҳар қанча билмайлик, У Зот биз ўйлагандан ҳам буюкдир. У Зотнинг қудратини биламиз десак, У Зот биз ўйлагандан ҳам қудратлидир. Уни идрок қилишга фикр ожиз, уни оддий кўз қамраб ололмайди.
Аллоҳни ҳар қанча васф қилмайлик, У Зот унинг хилофидир. Чунки Уни ердаги бирор томон қамраб олиши, тўлиқ билиши мумкин эмас. Ҳатто пайғамбарлар ҳам Аллоҳни нисбий маърифат орқали танишади. Аллоҳнинг Зотини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади.
31. Кемалар сизларга Аллоҳнинг мўъжизаларидан кўрсатиш учун Унинг марҳамати билан денгизда юрганини кўрмадингизми?! Бунда барча сабрли, шукрлилар учун аломатлар бордир.
Эй инсонлар, соҳили кўринмайдиган бепоён уммон ва денгизларда юрган кемаларнинг ҳаракатига боқинг ва тафаккур қилинг: Аллоҳ таоло Ўзининг мўъжизаларидан бандаларини воқиф қилиш учун сув устида ана шундай улкан ва оғир кемаларни юрғизиб қўйган. Агар У хоҳласа, уларни сувда турмайдиган, тошдек чўкиб кетадиган қилиб ҳам қўйиши мумкин эди. Ёки кучли бўронларни юбориб, уларни писта пўчоғи каби ўйнатиб қўйишга ҳам Унинг қудрати етади. Ҳақиқатан, кеманинг сув устида юриши ҳам Аллоҳнинг улуғ неъматидир. Лекин одамлар бу неъматни тушуниб етмай, кемани қурган муҳандисларнингталантига қойил қолишади, уни бошқариб бораётган денгизчиларга олқишлар ўқишади, аммо оғир кемани юклари билан сув устида чўктирмай юрғизиб қўйган Аллоҳ таоло эканини унутиб қўядилар. Ўзингизга бир савол бериб кўринг: сувга кемани кўтара олиш хусусиятини берган ким? Умуман сувни яратган ким? Уни уммон, денгиз ёки дарё ҳолига келтирган ким? Шунингдек, кема ясаладиган жиҳозларга сув устида чўкмай туриш хислатини берган ким? Ҳавони, шамолни шунга мослаб қўйган ким? Ниҳоят, кема қурганларга ақл-идрок, қўл-оёқ ва зарур ашёларни берган ким? Зикр этилган ва этилмаган кўплаб нарсалардан бирортаси бўлмаса, кема сув устида юрармиди? Бу саволларга жавоб топа олган инсон Парвардигорини таниган бўлади, Унга имон келтиради, Унинг мўъжизаларига тасанно айтиб, Аллоҳга итоат ва ибодатда бўлади. Аммо одамларнинг кўплари Аллоҳнинг маърифатига эришишда сабр ва шукрни унутиб қўйишади. Шунинг учун Парвардигорнинг ҳисобсиз неъматларига шукр қилишмайди, имон ва ҳидоят машаққатларига сабр этишни билишмайди.
32. Уларни тоғдек тўлқинлар ўраб олганида улар Аллоҳнинг динига холис ҳолда дуо-илтижолар қилишади. Нажот бериб, уларни қуруқликка чиқарганида эса, баъзиларигина тўғри йўл тутишади. Оятларимизни фақат хоин, ношукрлар инкор этишади.
Одамларнинг аксарияти ношукрдирлар: неъматларга ғарқ ҳолда яшаётганларида Парвардигорни унутиб қўядилар, бошларига озгина ташвиш тушиб қолса, дарров унга илтижо қилишга ўтадилар. Мабодо денгизда тўфон бошланиб қолса, кемада кетаётган йўловчилар жонлари ва моллари хатарда қолганини сезиб типирчилаб қолишади, ҳар бир одам ўз жонини қутқариш пайига тушиб кетади. Улар Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб, шунақанги ёлбориб дуо қилишадики, гўй кемада бирорта кофир ё мушрик қолмагандек бўлади. Аллоҳ азза ва жалла тўлқинларни пасайтириб, кемадагиларга нажот берган заҳоти улар яна эски одатларига қайтишади, Парвардигорни камдан-кам эслашади, жонларига ҳеч бир хатар қолмагандай, яна хотирамликка, ғафлатга берилишади. Фақат оз сонли мўминларгина Аллоҳни эслашдан, номини зикр қилишдан, Унга ҳамиша итоатда бўлиб, амрларида юришдан тўхташмайди, Унга банда эканларини бир сония ҳам унутишмайди. Аллоҳнинг оятларини, амр-фармонларини фақат куфрга кетган, хоин ва расво кимсаларгина инкор этиб, Парвардигорнинг ғазаби ва азобига учрайди.
Ривоят қилинишича, бир аёл Довуд алайҳиссаломнинг ҳузури-га кириб келиб: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, Роббинг золимми ёки одилми?” деб сўрабди. Довуд алайҳиссалом: “Ҳолингга вой бўлгур, Роббим одил, У ҳеч кимга жабр-зулм қилмайди, нега бундай деяпсан?” дебди. Шунда аёл: “Мен бир бева аёлман, болаларим бор, уларни қўл меҳнатим билан боқаман. Кеча йигирган ипимни бир бўлак матога ўраб, сотиш учун бозорга олиб кетаётган эдим, тўсатдан бир қуш менга ҳужум қилиб қолди: мато ва ипни олиб қочди, мен эса ночор ва хафа ҳолда, болаларимга ҳеч нарса олиб келолмай уйимга қайтдим”, деди. Шу суҳбат бўлиб турган пайтда Довуд алайҳиссаломнинг эшиги тақиллаб қолди. Пайғамбар киришга изн берди. Улар ўн нафар тижоратчи эди. Ҳар бирининг қўлида ўн динордан пул бор эди. Улар: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, бу пулларни ҳақдорларига беринг”, дейишди. Шунда Довуд алайҳиссалом: “Бу пулларни беришга сизларни нима мажбур қилди?”- деб сўради. Улар: “Биз бир кемада эдик, бирдан қаттиқ шамол туриб, ғарқ бўлишимизга сал қолган эди, тўсатдан бир қуш келиб, бир мато ташлади. Унинг ичида йигирилган ип бор эди. Биз улар билан кемамизнинг айбларини тўғрилаб олдик, шундан кейин шамол бизга ортиқ қийинчилик туғдирмади. Саломат қолганимиз учун ҳар биримиз ўн динордан садақа беришни назр қилдик, мана ўша пуллар”, дейишди. Довуд алайҳиссалом ҳалиги аёлга қараб: “Аллоҳ сен билан денгизда ҳам, қуруқликда ҳам савдо қилаверади, сен эса Уни золим дейсан”, деди ва унга юз динорни узатиб: “Буни болаларингга сарфлагин”, деди.
33. Эй инсонлар! Парвардигорингиздан қўрқинглар ва ота боласига ёрдам бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада ёрдам берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинглар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, демак, дунё ҳаёти сизларни алдаб қўймасин ва ўта алдовчи сизларни Аллоҳ борасида алдаб қўймасин.
Аллоҳ таоло инсонларга хитоб қилиб айтяптики, сизларни яратган ва ўлдириб, қайта тирилитирадиган Парвардигорингиздан ва қиёмат кунидан қўрқинглар. У шундайин қўрқинчлики, у кунда ота боласига, бола эса отасига асло ёрдам бера олмайди, биров бошқасининг ҳолидан хабар ололмайди, ҳамма ўзи билан овора бўлиб, фақат Аллоҳдан умид қилади, холос. Қиёмат қойим бўлганида рўй берадиган бундай ҳолат қалбларни ларзага солади, ақлни бошдан учиради, инсон хаёлини паришон қилади, ҳатто аёллар эмизикли болаларини унутиб юборади, ҳомиладорлар ҳомиласини ташлайди ва бошқа қўрқинчли ҳолатлар юзага чиқади. Қиёмат куни даҳшати кучлигидан ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир киши фақат ўзинигина ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю эр-хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма фақатўзини ўйлаб, бир-биридан қочади. Ёнидаги одам эркакми, аёлми, яланғочми, кийинганми - назар ҳам солмайди. У кунда инсонлар орасидаги барча ришталар, алоқалар кесилади. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Бировнинг бировга фойдаси тегмайди. Қиёматда бирдан-бир фойда берадиган нарса имон ва яхши амал бўлади. Ана ўшандай Кундан қўрқиш барча одамларнинг бандалик бурчидир. Қиёмат кунидан қўрққан одамгина барча ёмонликлардан қайтади. Аксинча, қиёмат кунидан кўрқмайдиган одам ҳеч қандай ёмонлиқцан қайтмайди. Аллоҳ таолонинг қиёмат куни борасидаги ваъдаси ҳақдир, у албатта амалга ошади. Аллоҳ азза ва жалла ваъдасига хилоф ҳам қилмайди, кечга ҳам сурмайди. Демак, қиёмат қойим бўлиши ҳақ, инсонларнинг ўлгандан кейин қайта тирилишлари ҳақдир. Барча инсонларнинг Маҳшарга тўпланишлари ҳам, яхшию ёмон амалларнинг мисқолигача қолдирмай адолат тарозисида тортилиши ҳам, дақиқ ва холис ҳисоб-китоб бўлиши ҳам, имонлилар кирадиган жаннат ҳам, кофир ва осийлар тушадиган дўзах ҳам - ҳаммаси ҳақдир. Бунга эса дунё ҳаётига алданиб, шайтон ва ҳавойи нафс тузоғи-га илинган кимсаларгина ишонмайдилар, буларни инкор қиладилар ва охири икки дунё саодатидан маҳрум бўладилар. Уламолар «ўта алдовчи»ни шайтон деб таъвил қилишган. Дарҳақиқат, шайтон турли йўллар билан инсонни ғурурга кетказади, шу йўл билан ҳақ йўлдан адаштиради ва осийлик кўчаларига бошлайди. Шайтон ҳамласидан сақланиш учун банданинг қалбида ва шуурида Аллоҳдан ва қиёмат кунидан қўрқув бўлиши керак.
34. Қиёматнинг илми ёлгиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдиради, бачадонлардаги нарсани ҳам У билади. Ҳеч бир жон эртага нима иш қилишини билмайди. Ҳеч бир жон қаерда ўлишини ҳам билмайди. Аллоҳ билувчидир, хабардордир.
Ушбу ояти карима Аллоҳ таолонинг бандаларни яратганидан сўнг уларнинг тақдирларини ҳам олдиндан белгилаб қўйганига энг кучли далилдир. Қадар Аллоҳнинг сирридир. Қиёматнинг қачон бўлиши, ёмғирнинг қачон ва қаерда ёғиши, инсоннинг туғилиши ва ўлими, унинг қандай ҳаёт кечириши ҳақидаги илмлар фақат Аллоҳ биладиган ғайбий (яширин) сирлардир. Бу ишларга аралашишга, уни ўзгартиришга ожиз банданинг ҳаққи ҳам йўқ, унинг кучи, илми, ақли етмайди. Қадарга имон келтириш мўмин-мусулмонлар учун вожибдир. Ақида китобларимизда ёзилишича, такдир ҳақида чуқур фикр юритиш ёки баҳслашиш бефойда ишдир, балки туғёндир. Бу тўғрида тортишиш, Аллоҳ ва Унинг Расули билдирганидан ортиғини билиш учун изланиш ҳаромдир. Шу боис оятда Аллоҳ таолонинг илми шомилу комил ҳамда мутлақ экани, У Зотнинг илми қаршисида бошқа илмлар ҳеч нарсага арзимаслиги баён қилинмокда.
Ҳақиқатан қиёмат қачон қойим бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга бирор зот билмайди, билиши мумкин ҳам эмас. Аллоҳ таоло улкан ҳик-мат юзасидан бу илмни фақатЎзига хослаб, бошкалардан яшириб қўйган. Шундай қилишида ҳам илоҳий ҳикмат бор: қиёмат қачон қойим бўлишини билмаган одам доимо ҳушёр туради, ҳар лаҳзада қиёмат бўлиб қолишидан қўрқиб, ҳамиша яхши ишларни кўпайтиришга уринади, қиёматга тайёргарлик кўради. Агар маълум вактда қиёмат бўлишининг хабари берилганида ҳеч ким ишламаган, дунёни обод қилмаган, ҳаётга муҳаббат қўймаган бўларди. Ёмғирнинг қачон, қаерга, қай миқдорда ёғиши ҳам Аллоҳнинг ғайбий нарсаларидандир. Кўпинча нигоҳларимизни осмонга қаратганимизда тўп-тўп булутларни кўрамиз ва “Ҳозир ёмғир ёғса керак” деб ўйлаймиз, аммо ерга бир томчи ҳам ёғин тушмайди. Гоҳо ҳеч кутмаганимизда осмондан шариллаб ёмғир қуйиб юборади, ҳатто яшириниб олишга хдм улгурмаймиз. Булутни пайдо қилиб, маълум жойларга ёғин ёғдирадиган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир. У Зот борлиқнинг ҳар бир нуқтасидаги ёмғирни пайдо қилган, ёғдирган, натижасини ҳам билиб туради. Борлиқнинг бир нуқтасида Аллоҳяратган шароитни кўриб, ёмғир ёғишини тахмин этган инсоннинг Аллоҳнинг сифатига шерикликни даъво қилиши кулгилидир. Бундай даъво илмдан эмас, жаҳолатдандир. Дунёда қанча аёл бўлса, уларнинг бачадони ичида нимаики бор бўлса, ҳомиланинг моҳиятини, тақдирини ва яна уларга боғлиқ ишларнинг ҳамма-ҳаммасини Аллоҳгина билади. Бир аёлнингтуғиши яқин қолганида, асбоб ёрдамида ўғилми-қиз эканини тахминан билиб олиб, Аллоҳнинг илмига шерикликни даъво қилган жоҳилларнинг инсофига ҳайрон қоласан киши. Худди шу каби бирор инсон эртага нима иш қилишини ҳам, қаерда ва қай ҳолатда вафот этишини ҳам билолмайди. Буларни инсонларни яратган ва уларнинг тақдирларини белгилаб қўйган Аллоҳгина билади, чунки у билувчидир, хабардордир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу ояти кариманинг маъносини таъкидловчи кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Худди шунга ўхшаш оят Анъом сурасида ҳам ўтди. Ривоят қилишларича, ушбу оят Ҳорис ибн Амр ибн Ҳориса ибн Муҳориб ибн Ҳафса ҳақида нозил бўлган. У бадавийлардан эди. Шу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Қиёмат қачон бўлади, ерларимиз қуриб кетди, ёмғир қачон ёғади, аёлимни ҳомиладор ҳолида қолдириб келгандим, у нима туғади, қаерда туғилганимни биламан, энди қаерда ўламан?” деган саволларни берди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Иёс ибн Салама отасидан ривоят қилади: “Отаси Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам билан бирга турганида бир ўжар ва жоҳил киши отини етаклаб келиб қолди. Оти билан бирга урғочи той ҳам бор эди. Уни сотиб олганди. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Сен кимсан?” деди. У зот: “Мен Аллоҳнинг Пайғамбариман”, дедилар. У: “Аллоҳнинг пайғамбари дегани ким ўзи?” деди. У зот: “Аллоҳнинг элчиси”, дедилар. У: “Қиёмат қачон қойим бўлади?” деди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “Бу ғайбдир, ғайбни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди”, дедилар. У: “Ёмғир қачон ёғади?” деди. У зот: “Бу ғайбдир, ғайбни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди”, дедилар. У: “(Отим бўғоз), отнинг қорнидаги нима?” деди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “Бу ғайбдир, ғайбни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди”, дедилар. У: “Менга қиличингни кўрсат-чи?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қиличларини бердилар. У одам қилични бир силтаб кўриб, кейин Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга қайтариб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ўзинг режа қилган нарсани қила олмадинг”, дедилар. У одам айтдики: “Мен унинг (Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг) олдига бориб, ундан ушбу нарсалар ҳақида сўрайман-да, кейин уни бўйнингга ураман, дегандим”. Ибн Умар розияллоҳу анхумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғайб калитлари бештадир. Уларни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди: қиёмат қачон қойим қачон бўлишини Аллоҳгина билади, бачадонлар йўқотган нарсани Аллоҳгина билади, эртага нима бўлишини Аллоҳгина билади, ҳеч бир жон қаерда ўлишини билмайди, фақат Аллоҳ билади, ёмғир қачон ёғишини Аллоҳгина билади”, дедилар” (Бухорий ривояти).
Орқага Олдинга