Маккада нозил бўлган, 60 оятдан иборат
Қуръони каримнинг ўттизинчи сураси шу ном билан аталади, Макка сураларидан, 60 оятдан иборат. Сурада икки катта давлат - Рум ва Форс давлатлари ўртасидаги урушда форсларнинг қўли устун келгани, яқин йиллар ичида эса румликлар ғалаба қозониши хабар қилинган. Орадан етти йил ўтгач, бунинг илоҳий башорат экани маълум бўлади - Рум форсларни енгади. Суранинг Рум деб аталиши боиси шудир. Сурада яна мўминлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чорланади. Узоқ-яқин ўтмишдаги Аллохди инкор этиб, пайғамбар-ларини ёлғончи қилган кимсаларнинг аянчли оқибатлари ҳақида хабарлар берилади. Рум машхур давлат ва катта императорликнинг номи бўлиб, ҳозирги ўзбек тилида «Рим» шаклида қўлланилади.
Рум сурасида Аллоҳнинг ваҳдониятига ва чексиз кудратига да-лолат қилувчи борлиқдаги мавжудотлар ва ғайбий далиллар ҳақида ҳам сўз юритилади. Аллоҳ таолога ибодат қилувчилар билан бут-са-намларга сиғинувчилар орасидаги фарқ мисоллар билан тушунти-рилади. Сура охирида илоҳий ваҳийлар ва огоҳлантиришлардан ибрат олмаётган Қурайш кофирлари ҳақида сўз юритилиб, Пайғам-бар соллаллоху алайҳи васалламга ва мўминларга тасалли берилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Алиф лаам миим.
Ушбу оятдаги каби кесик ҳарфлар (ҳуруфи муқаттаъот) Қуръони каримнинг бир неча суралари аввалида келган бўлиб, уларнинг асл маъносини фақат Аллоҳ азза ва жалла билади.
2. Рум мағлуб бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларининг бешинчи йили (милодий 613) Рум ва Форс императорликлари орасида жуда катта қонли уруш рўй берди. Ўша пайтда Форсга Хусрав Иккинчи, Румга Ҳирақл подшоҳлик қилишарди. Бу икки давлатнинг ўзига етарли ерлари, беҳисоб лашкарлари, куч-қудрати бор эди. Ушбу ояти каримада Рум салтанатининг форслар томонидан мағлуб қилингани ҳақида сўз боряпти.
3. Энг паст ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар.
Муфассирлар айтишади: “Форс шоҳи Кисро Румга қарши қўшин юборди. Қўшинга Шаҳрирон исмли кишини бошлиқ қилди. У форслар билан Румга бостириб бориб, румликларни ўлдирди, шаҳарларини вайрон қилди, дарахтларини кесди. Рум шоҳи Қайсар ҳам Яҳнас исмли кишини қўшинга бош қилиб унга қарши юборди. Улар Азриёт ва Бусрода тўқнашишди. Бу ерлар Шомнинг араб ерларига энг яқин жойи эди. Форс қўшинлари румликларни енгди. Бу хабар Маккада Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асхобларига етиб борди ва бу уларга оғир ботди. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам форслик уммий мажусийлар румлик аҳли китоблар устида ғолиб бўлишини ёқтирмасдилар. Макка кофирлари эса хурсанд бўлиб, ичиқоралик қилишди. Улар саҳобаларга: “Сизлар ҳам, (румлик) насоролар ҳам аҳли китоблардир. Биз эса уммийлармиз. Форслик биродарларимиз сизларнинг румлик биродарларингиз устидан ғолиб келди. Сизлар ҳам биз билан жанг қилсангиз, биз ҳам устингиздан ғолиб чиқамиз”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятларини нозил қилди”.
Ушбу оятда румликлар енгилган жой тасвирланганида “аднал-арз” - “Ернинг энг паст жойи” деган сифат ишлатилган. Ушбу оят Қуръони каримнинг яна бир мўъжизасига далолат қилади. Ажойиби шундаки, жанг бўлиб ўтган жой - Ўлик денгиз ҳудуди денгиз сатҳидан 395 метр чуқурликда бўлиб, ростдан ҳам сайёрамизнинг энг паст жойи ҳисобланади. Бироқ бу маълумот ўша даврда маълум эмас эди ва бу ҳақиқат замонавий ўлчов ускуналари кашф этилганидан кейингина улар ёрдамида аниқланди.
4. Бир неча йилларда. Бундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланишади;
Яъни, румликларнинг мағлубиятга учрашларидан олдин ҳам, ун-дан кейин ҳам дунёдаги барча ишлар Аллоҳнинг иродасига боғлиқ эди ва шундай бўлиб қолади. Фақат У Зотнинг хоҳлагани бўлади. Аллоҳтаоло румликларнинг саноқли йилларда ғалаба қозонишини айтган эди. У кун келади. Ўша пайтдаги урушларнинг бирида Форс Рум салтанати устидан ғолиб келгач, бундан мушриклар чексиз хурсанд бўлдилар ва «Яқинда биз ҳам мусулмонларни албатта енгажакмиз» дея бошладилар. Аҳли китоблардан бўлмиш румликларнинг мағлубияти мусулмонларни қаттиқ хафа қилди. Шунда Аллоҳ таоло Рум сурасининг аввалги оятларини индириб, румликлар саноқли йиллар ичида ғалабага эришажаклари ва бундан мўминлар хурсанд бўлишлари ҳақида башорат берди. Бу башорат Қуръон мўъжизаларидан эди. Хуллас, румликларнинг мағлубиятини эшитган Макка мушриклари чексиз қувондилар ва мусулмонларга: «Сиз ва румликлар аҳли китобсизлар, биз ва форсликлар аҳли китоб эмасмиз, бизнинг шерикларимиз сизнинг шерикларингизни енгди, энди биз ҳам сизларни енгамиз», дедилар. Ана шунда Аллоҳ таоло Рум сурасининг аввалги оятларини нозил қилди. Яъни «Рум Форсдан енгилди. Бу ҳодиса арабларга яқин ерда бўлди. Рум ва Форс ерлари Арабистон ярим оролига бевосита чегарадошдир. Ва румликлар бу мағлубиятларидан кейин тезда, саноқли йиллар ичида қайтадан ғолиб бўлажаклар. Румликлар ғолиб бўладиган кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланадилар. Аллоҳ хоҳлаганига нусрат беради.
Ушбу ҳодиса ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Шулардан бири улуғ муфассир ва муаррих Ибн Жарир Табарийнинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир: «Мушриклар форсликларнинг румликлардан устун келишини орзу қилар эдилар. Мусулмонлар эса румликларнинг форслардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Чунки улар аҳли китоб эдилар. Уларнинг динлари ўзаро яқин эди. «Алиф лаам мим. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда» оятлари нозил бўлганида, мушриклар: “Эй Абу Бакр! Сенинг оғайнинг «Рум саноқли йилларда Форсдан устун бўлади» деяпти-я?! дейишди. Абу Бакр: “Тўғри айтадилар”, деди. Улар: “Биз билан гаров ўйнайсанми?” дейишди. Етти йил муддатга тўрттадан туяга гаров ўйнашди. Етти йил ўтди. Ҳеч нарса бўлмади. Бундан мушриклар шодланиб, мусулмонлар хафа бўлишди. Абу Бакр бўлиб ўтган гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизнингча, «бизъу» («саноқли йиллар») қанча?” деб сўрадилар. Абу Бакр: “Ўндан оз”, деб жавоб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бор, гаров-нингустига яна кўпайтир ва муддатни икки йилга ошир”, дедилар. Икки йил ўтмай туриб, отлиқлар келиб, Рум Форс устидан ғолиб келганининг хабарини бердилар. Мўминлар бундан шодландилар!» (Изоҳ: У вақтларда ҳали гаров ҳаром бўлмаган эди. Ояти каримада Румнинг «бизъу» - саноқли йилларда ғолиб келиши айтилган бўлиб, «саноқли йиллар» деганда эса ўн йилдан оз муддат назарда тутилган эди. Шунинг учун ҳам мушриклар етти йил ўтса ҳам бирор гап бўлмаганидан хурсанд бўлдилар. Аммо Набий алайҳиссалом ояти каримада айтилган нарса бўлишига тўла ишончда эдилар. Шунинг учун ҳам у зот ҳазрати Абу Бакрга гаровнинг қийматини ошириш-ни иршод қилдилар. Аллоҳнинг айтгани содир бўлди).
Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамнинг хаёлига, шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади, деган фикр келиши турган гап эди. Шундай бўлди ҳам. Мушриклар қуръоний хабарни масхара қилиб, кула бошлашди. Улар манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, аммо Аллоҳ таолонинг ўлчови бошқа экани хаёлларига ҳам келмас эди.
5. Аллоҳнинг ёрдамидан. У хоҳлаганига ёрдам беради. У қудратлидир, раҳмлидир.
Аллоҳтаоло шунчалар қудратли ва раҳмлидирки, хоҳлаган уммат-ларига ёрдамини беради, хоҳлаганларини мағлубиятга учратади. Ал-лоҳнинг иродаси қаршисида қўшинларнинг қудрати ва аслаҳалари, салоҳиятию саноқда кўплиги ўз аҳамиятини йўқотади. Қуръони каримнинг бу хабари ўзининг ҳаққонийлиги билан бутун дунёни ҳайратда қолдирдики, Аллоҳ таолонинг ёрдам билан роппа-роса тўққиз йилдан сўнг румликлар эроний мажусийларни мағлуб қилишди. Бундан румликлар қатори мўминлар ҳам шодланишди. Аллоҳ таоло вақти-соати келиб, румликларни форслардан, мусулмонларни мушриклардан устун қилди. Бу оятлар нозил бўлган пайтда бирор инсон румликларнинг Форсдан, мусулмонларнинг мушриклардан ғолиб келишини тасаввурига сиғдира олган эмас. Лекин оятда айтилган саноқли йиллар - тўққиз йил ўтиб, румликлар форсликлар устидан ғолиб келишди. Худди шу каби мусулмонлар Бадр урушида ўзларига нисбатан сон ва қурол жиҳатидан бир неча марта устун бўлган мушриклар устидан инсоният тарихини тубдан ўзгартириб юборган ғалабага эришдилар ва Аллоҳ ваъда қилган нусратга етишиб, шод бўлдилар.
6. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди, лекин кўп одамлар билишмайди.
Яъни, Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган томонга нусрат бериши ҳақидаги хабар У Зотнинг ваъдасидир. Аллоҳ азза ва жалла Ўз иродаси билан ваъда қилади ва Ўз иродаси билан ваъдасини амалга оширади. Бунга ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Лекин одамларнинг аксарияти ушбу ҳақиқатнинг кўпгина жиҳатлари ошкор бўлиб турса ҳам, буни англаб етмайди, юзаки фикр юритади, дунё ҳаётининг асл моҳияти ва қонуниятлари масаласига чуқурроқ кириб боришга интилмайди. Инсон дунё ҳаётидаги умрини яшаб бўлгач, охират дунёсига ўтиши, қиёмат куни келгач, дунёдаги барча қилмишлари ва амаллари борасида Аллоҳ хузурида ҳисоб бериши, куфр ва ширк эгалари дўзах азоби билан жазоланиши, имон ва ҳидоят соҳиблари эса жаннат билан мукофотланишлари ҳам Аллоҳ таолонинг ваъдасидир, У Зот ваъдасига сира хилоф қилмайди, уни албатта амалга оширади. Инсонлар мана шу ҳақиқатни яхши англаб олишлари лозим.
7. Улар дунё ҳаётининг зоҳиринигина билишади, охиратдан эса улар бехабардирлар.
Ибн Касир тафсирида зикр қилинишича, одамларнинг кўпчилиги дунё ҳаётининг ташқи томонларига, зийнатларигагина кўнгил қўйишган. Мол-дунё йиғишга, жамиятдаги мартабаларини оширишга ҳарислик кўрсатишади, Аммо охиратдаги ҳаётларига ёрдам берувчи имон масаласига келганда улар кўп ҳолларда ғафлатда қолишади, қалблари ва онгларини имон нурлари кириб қолишидан тўсиб олишади. Шунинг учун ҳам бу дунё ҳаётига ўта берилиб кетишади, унинг зеб-зийнатларига, матоҳлари ва шаҳватларига ўзларини уришади. Бутун ақл-заковат, куч-қудрат ва имкониятларини шу йўлга сарфлайдилар. Дунё ишларида маълум даражада натижага эришсаларда, охират ишларида энг ғофил, энг қолоқ ва энг нотавон бўлиб қолаверадилар. Бу тоифа кишилар ҳақида Ҳасан Басрий: «Аллоҳга қасамки, уларнинг баъзилари дунё илмида шу даражага етганки, тирноғи билан дирҳамни чертиб кўриб, унинг оғирлигини айтиб беради, аммо намозни эплаб ўқий олмайди», деган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг энг яқин сафдошлари, Исломнинг илк халифаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бундай дей-дилар: «Эй инсонлар! Қай замон тугаши сизга номаълум бир умр ичида кун ва тунларингизни ўтказмоқдасиз. Агар қўлингиздан кел-са, бу ҳаётингизни солиҳ амаллар билан ўтказинг... Дунё ила охират икки оиласи бор кишига ўхшайди: инсон бирини рози қилар экан, иккинчисини ранжитади. Дунё - мўминларнинг бозори, кеча ва кундуз - сармоялари, гўзал амаллар - тижорат моллари, жаҳаннам эса зарарларидир». Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг насиҳатларига эътибор қилинг: «Дунёда экинлар экиб-ўрган, баланд кошоналар қурган, узоқ вақт завқу сафо сурган дунёнинг ўғиллари, дўстлари бугун қаерда? Дунё уларни ютиб юбормадими? Жалил Аллоҳ дунёга нақадар аҳамият бермаганидек, сиз ҳам унга шундай берилманг! Охират учун ҳаракат қилинг! Сиз ўткинчи бир ҳаёт уй-идасиз ва умрингизнинг қолган қисми ҳам ўтишини кутмоқдасиз. Унутмангки, бу дунё ёлғон ва алдов устига бино бўлган».
8. Ахир Аллоҳ осмонлару Ерни ва улар орасидаги ҳамма нарсани фақат ҳақ билан ва маълум муддат билан яратганини улар ўзларича тафаккур қилиб кўришмайдими? Дарҳақиқат, одамларнинг кўплари Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилувчилардир.
Ҳар бир инсон кўзи кўриб турган борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг буюк ҳикмати ва иродаси билан яратилганига имон келтириши керак. Инсоннинг ақл ишлатиши зарур бўлган нарсалар ҳақида ўйлаши «тафаккур» дейилади. Ушбу ояти каримада одамларни тафаккур қилишга чорлаш ва уларнинг Аллоҳ мўъжизалари ҳақида фикр юритмасликларидан ажабланиш маъноси бор. Ҳар бир инсон Осмонлару ер ва улар орасидаги махлуқотлар ҳақида чуқур тафаккур қилиши лозим, шундагина у Парвардигорини танийди, Унинг бу нарсаларни яратишдан мақсади нима эканини англаб етади. “Дунё” сўзи аслида “тубан, паст” деган маъноларни билдиради. Бутун умри давомида тубанликни истаган, пастликка ўрганган, ҳақир нарсаларнинг кетидан қувган инсон бора-бора охират ҳаётини билмайдиган, кузата олмайдиган ҳолга келади. Юксак мақсадлар, олий сифатлар, гўзал ахлоқлар унинг руҳини аста-секин тарк эта бошлайди.
Шунингдек, ушбу ҳолатнинг зидди ҳам бор. Инсон ўз имонида юксала бориб, Парвардигорига етишишга янада кўроқ, кучлироқ иштиёқ кўрсатади. Охирати учун етарли “сармоя” жамғариб, бу дунёда яхши амаллар, тоат-ибодатларни кўпайтириб олгач, у ерга тезроқ етишга ошиқа бошлайди. Шу боис, ҳар бир оқил инсон ҳаётнинг бу дунёда бошланиб, яна шу дунёда тугашига асло ишонмайди, балки Аллоҳ одамзотни шу қисқагина, турган-битган ташвиш, разолат ва машаққатлардан иборат дунё ҳаёти учун яратмаганини сезади. Вужудидаги миллиардлаб ҳужайраларнинг, атрофидаги миллиардлаб махлуқотларнинг, самодаги миллиардлаб юлдузларнинг фақат шу фоний дунё ҳаёти учун яратилганига бирор ақлли инсоннинг ишониши ҳам қийин. Шунингучун ҳар бир банда “Аллоҳ осмонлару Ерни ва улар орасидаги ҳамма нарсани фақат ҳақ билан ва маълум муддат билан яратганини англаб етиши зарур. Шундагина у Парвардигорига рўбарў бўлишни инкор қилувчи жоҳил кимсалар каби охиратга ишонмайдиган, икки дунё саодатидан маҳрум бўлганлар тоифаси сафида бўлмайди.
9. Ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Ўшалар булардан қувватлироқ эди ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилганидан ҳам кўпроқ обод қилишган эди. Уларга ҳам пайғамбарлари аниқ ҳужжатлар билан келишди. Аллоҳ уларга зулм қилмади, лекин улар ўзларига зулм қилишди.
Яъни, тарихда ўтган Од, Самуд каби қавмларнинг қисматидан шу нарса яхши маълумки, Аллоҳнинг ҳукмлари инсониятнинг барча авлодлари учун бирдай тегишлидир. Аллоҳ осий қавмларнинг бирини қолдириб, бошқасини жазолмайди, ер юзидан йўқ қилиб юбормайди. Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилаётган кофир ва мушриклар Ер юзида юриб, олдин ўтган қавмларнинг оқибати нима билан тугаганини кўришмайдими? Агар шундай қилишганида ўтмишдаги кофир ва мушрик қавмларнинг Аллоҳга қилган итоатсизликлари учун қандай азоб ва мусибатларга учраб, Ер юзидан йўқ қилиб юборилганига гувоҳ бўлишарди. Ваҳоланки, улар ҳозиргилардан куч-қувватда, салоҳиятда, иқтидорда устун бўлишган. Улар ерга ишлов беришни, юртларини обод қилишни, муҳташам бинолар қуришни, ер остидан турли бойликларни қазиб олишни, маъданлардан турли асбоблар ясашни ҳозиргиларга қараганда яхшироқ ўзлаштиришган эди. Уларга ҳам пайғамбарлари аниқ ҳужжат-далиллар, мўъжизалар билан келиб, қавмларини Аллоҳнинг ҳақ динига, тавҳид ақидасига даъват қилишган эди.
Аммо улар пайғамбарларнинг чорловларига бепарво бўлишди, ҳидоят йўлига юришмади, ҳатто Парвардигорларининг ваҳийлари-ни инкор қилишгача боришди, Аллоҳнинг элчиларини ёлғончига, мажнунга чиқаришди. Аллоҳ азза ва жалла уларга ўнгланиш, ҳидоятга келиш учун маълум муҳлат берди. Шунда ҳам имонга келишмагач, уларнинг бошига бало ва азобини юборди. Куфр ва ширк ботқоғидан чиқа олмаётган маккаликлар ҳам Ер юзини кезиб, олдингилардан қолган оқибатни, уларнинг фаровон ҳаётидан сақланиб қолган из ва асоратларни кўришганида эди, залолат сиртмоғидан қутулган ва икки дунё саодатига эришган бўлишарди. Аллоҳ уларнинг бошига бало-азобини юбориб, уларга зулм қилгани йўқ, аксинча, уларнинг ўзи куфр ва ширкка мубтало бўлиб, ўз жонларига зулм қилишди.
10. Сўнгра Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқариш ва улар устидан кулиш билан ёмонлик қилганларнинг оқибати ёмон бўлди.
Дунё ҳаётида яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва зулм ҳамиша ёнма-ён юради. Аллоҳнинг пайғамбарлари келтирган оятларни ёлғонга чиқариш, уларни мазах қилиб, устларидан кулиш ёмонликларнинг ҳам энг ёмонидир. Аллоҳнинг динини инкор қилиб, пайғамбарларни калака қилган бундай ёмонлар шу дунёнингўзида хорлик ва шармандаликка учрашади, ҳамманинг назаридан қолиб, ҳатто яқинлари томонидан ҳам маломатга учрашади. Уларнинг охиратдаги оқибати бундан ҳам ёмон бўлиши аниқ. Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилганлари, уларни ёлғонга чиқарганлари, пайғамбарларга етказган озор ва масхаралари учун охиратда Парвардигорларининг энг оғир жазосига гирифтор бўлишади. Улар ҳозир қиёмат ва охиратнинг бўлишига ишонмай юрганлари билан қиёматнинг келишига, барча инсонлар дунёда қилган яхшилик ва ёмонликлари учун албатта ҳисоб беришларига ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас.
11. Аллоҳ махлуқотни аввал бошда яратади, сўнгра уни қайта яратади, кейин Унга қайтариласизлар.
Дунёда ҳеч бир нарса илоҳий аралашувсиз, ўз-ўзидан яралиб, пайдо бўлиб қолмайди. Борлиқдаги ҳамма нарсанинг, инсонлар ва жинлар, паррандалар ва ҳайвонлар, ҳашаротлар ва бошқа барча жонли-жонсиз нарсаларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бунда У ҳеч бир зотнинг ёрдамига, аралашувига муҳтож эмас. Ушбу борлиқда аввалда ҳеч нарса бўлмаганида У осмонлар ва Ерни, улардаги жисм ва мавжудотларни йўқдан бор қилиб яратди. Инсон фарзанди ҳам олдин йўқ эди, Аллоҳ таоло иродаси ва Ўзи билан ҳикматига кўра инсонни тупроқдан яратди. Кейин унга жон ато қилди. Шу тариқа ундан тарқаган зурриётлар Ер юзини тўлдириб яшай бошлашди. Яна У Зот Ўзи билган ҳикматга кўра, уларга ажалларини белгилади, маълум вақт яшаганларидан кейин вафот этишларини ирода қилди. Ўлганларидан кейин қиёмат куни уларни яна қайтадан тирилтириб, Ўз ҳузурида тўплайди. Қабрларидан чиқарилган барча инсонлар Аллоҳ таолонинг даргоҳига қайтарили-шади. У бандаларининг яхши-ёмон қилмишларини Ўзи ҳисоб-китоб қилиб, мукофот ёки жазосини белгилайди.
12. Қиёмат қойим бўлган кунда гуноҳкорлар ноумид бўлишади.
Инсонлар дунё ҳаётида жуда кўп адолатсизликлар ва зулмларга дуч келишади. Кўп ҳолларда улар адолатнинг тантана қилганини кўришмайди, золимларнинг жазоланишларига гувоҳ бўлишмайди. Шунда улар тушкунликка тушиб, ҳафсалалари пир бўлиши мумкин. Аслида дунёда ҳеч бир нарса, ҳар қандай ҳақсизлик ва зулм жазосиз қолмайди. Аллоҳ буларнинг баъзисига шу дунёнинг ўзида жазо берса, баъзисини охиратга қолдиради.
13. Шерик қилганларидан уларга шафоатчилар бўлмайди ва улар шерик қилганларини инкор қилишади.
Яъни, қиёмат куни куфрга кетганлар ва мушриклар ўз қилмиш-ларига бирор ҳужжат келтира олмай, ҳайрону лол қолишади. Дунё ҳаётида мушрик ҳолида ўтганлар Аллоҳ таолога турли нарсаларни шерик этиб, уларга ибодат қилишган ва охиратда уларнинг шафоатидан умидвор бўлишган эди. Аммо Аллоҳга шерик қилган “илоҳ”ларининг бирортаси қиёмат куни мушрикларга ёрдам бера олмайди, шафоат ҳам қила олмайди. Қиёмат қойим бўлганида ишонган “илоҳ”лари, «шафоатчи»лари улардан воз кечгач, мушриклар энди кимдан нажот кутишни билмай, ноумид қолишди. Улар умр бўйи ўзлари сиғиниб юрган, ёрдам кутган, шафоатидан умид қилган “илоҳ»ларинингўзлари ёрдамга муҳтож эканига тушунганларидан кейин улардан воз кечишади. Аммо бундан мушрикларнинг ўзларига ҳам, улар ишониб келган сохта “илоҳ”ларга ҳам асло фойда йўқ!
14. Қиёмат қойим бўлган кун - ўша кунда ажралишади.
Қиёмат қойим бўлганида инсонларнинг яхшилари ва ёмонлари алоҳида иккига ажралади. Ҳар бир фирқа бир неча тоифага бўлиниб кетади, ҳар бир тоифа эса Аллоҳга имони юзасидан турли мақомда бўлади. Аввало, жаннатий ва дўзахийлар гуруҳига, сўнгра мазкур икки гуруҳдан ҳар бири яна бир қанча гуруҳларга бўлинади. Жаннатийларнинг ҳаммаси ҳам бир хил даражада бўлмайди. Бу дунёдаги имонларининг қуввати ва қилган амалларининг салмоғига қараб турли даражаларга эга бўлишади. Баъзи гуруҳлар жаннатнинг энг тўридан жой олсалар, баъзилари ўртачароқ ерда, яна бошқалари қуйироқ мақомлардан ўрин олишади. Шунингдек, дўзахийларнинг бадбахтлик даражалари ҳам ҳар хил бўлади. Мунофиқлар дўзахнинг энг қаъридан жой олса, кофирлар яна бошқа жойдан, мушриклар ўзларига аталган хос ердан ўрин олади. Мана шундай даражаларга қараб, улар гуруҳ-гуруҳларга бўлиб ташланади.
15. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар жаннатда шодланишади.
Аллоҳ таоло инсонларни яратгач, уларга икки ҳақиқатдан бирини: имон ва куфрни танлаш ихтиёрини берди. Ўзига имон келтириб, юборган Китоби ва Пайғамбарини тасдиқлаган мўмин бандаларини жаннатдаги абадий бахтли ҳаёт билан мукофотлаш ваъдасини берди. Парвардигорига имон келтириб, берилган умрни солиҳ-яхши амаллар билан безаб ўтган саодатманд инсонлар жаннатда шодланиб, қувончларга тўлиб яшашади. Абу Ҳанифа «Фиқҳи акбар»ида шундай ёзади: «Аллоҳ таоло инсонларни яратганида куфр ва имондан холи қилиб яратган. Сўнгра уларга хитоб қилиб, баъзи нарсаларга буюрган, баъзиларидан қайтарган. Шундан кейин ким куфрни танлаган бўлса, демак у ўз ихтиёри билан ҳақиқатни инкор этган бўлади ва Аллоҳ таолонинг тавфиқидан маҳрум бўлади. Шунингдек, ким имонни танлаган бўлса, у ҳам ўз ихтиёри, иқтидори, тасдиғи ва Аллоҳнинг тавфиқи ҳамда ёрдами билан имон келтирган бўлади. Парвардигор Одам алайҳиссаломнинг пушти камарларидан қиёматгача дунёга келадиган зурриёдларни майда заррачалар шаклида чиқариб, уларга ақл ато этди ва уларга хитоб қилиб, Ўз тоатига буюрди, маъсият-гуноҳдан қайтарди. Улар Аллоҳни Парвардигоримиз деб иқрор бўлдилар. Демак, ҳар бир туғилган инсон авлоди шу фитрат (табиат) билан дунёга келади. Шундан кейин ким куфрга кетган бўлса, у мазкур имонини ўзгартирган бўлади. Ким имон келтириб, тасдиқ этган бўлса, демак, у имонида барқарор қолибди ва давом этибди. Аллоҳ таоло ҳеч кимни куфрга ёки имонга ҳам мажбур этмади. Шунингдек, ҳеч кимни мўмин ёки кофир қилиб яратмаган, балки инсонларнинг ҳар бирини мустақил шахс сифатида яратган. «Имон билан куфр бандаларнинг ўз ишидир»
16. Аммо куфр келтириб, оятларимизни ва охират мулоқотини ёлғонга чиқарганлар - ана ўшалар азобга ҳозир қилинишади.
Мўминлар жаннат боғларида роҳат-фароғат ичра туришган бир пайтда Аллоҳ таоло кофир бандаларни дўзах қаршисига, мангу давом этадиган азоб-қийноқларга рўбарў қилиб қўяди. Чунки улар дунёда Аллоҳ таолога, Унинг китобларига, пайғамбарларига, ўлгандан кейин яна қайта тирилиб, Аллоҳга рўпара бўлишларига куфр келтирган, яъни ишонишмаган эди. Ишонмаслик уёқда қолиб, бу ҳақиқатларни ёлғонга чиқарган, бунга ишонганларни мазаҳ-масхара қилишган эди. Мана, улар ёлғонга чиқарган қиёмат келди, охират мулоқотига етиб келишди. Энди уларни Аллоҳнинг ғазаби ва азобидан ҳеч бир зот қутқара олмайди, ҳеч бир зот уларга ёрдам қилолмайди, жонларини дўзах азобидан ҳимоя қила олмайди. Дилида ҳам, тилида ҳам ўзининг кофирлигини иқрор этадиган одамлар ҳақиқий кофирлардандир. Имом Абу Ҳанифанинг ҳукмларича, аҳли қибладан бўлган ҳеч бир кишини куфрда айблаб бўлмайди. Аллоҳтаоло: «Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғонга чиқарган (куфр келтирган)лар - айнан ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар ўша ерда абадий қолувчидирлар» деб Қуръони каримда баён қилган (Бақара, 39). Куфрнинг ёмонлиги Қуръони каримда уч юздан ортиқ оятда ва кўплаб ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Бандага куфрдан хатарлироқ нарса йўқ, шунинг учун мўмин киши куфрга тегишли нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қочади.
17. Тунга кирганингизда ҳам, тонгга кирганингизда ҳам Аллоҳни поклаб ёд этинглар.
Ушбу ояти каримага кўра, бандалар тунга кираётганларида ҳам, тонгга кираётганларида ҳам Аллоҳни поклаб ёд этишлари зарур. Аллоҳни поклаб ёд этиш араб тилида «тасбеҳ» дейилади. Тасбеҳ энг аввало дилда бўлиб, сўнгра тилга кўчади. «Субҳаналлоҳ» деб такрорлаш тасбеҳ айтиш ҳисобланади. Тасбеҳ айтиш деганда яна Аллоҳга бандалик билан ибодат қилиш, намозларни қойим қилиш ҳам тушунилади. Уламолар оятдаги тунга киришда тасбеҳ айтиш ҳақидаги амрни шом ва хуфтон намозига таъвил қилиб, бу «Шом ва хуфтон намозларини ўқиб, Аллоҳни поклаб ёд этинглар» деганидир, дейишган. Шунингдек, тонгга киришда тасбеҳ айтишдан мурод бомдод намозини ўқиш, Аллоҳни поклаб ёд этишдир.
18. Оқшомда ва тушда ҳам осмонлару Ердаги ҳамд-сано Уникидир.
Юқорида келган ояти каримада бандалар шом, хуфтон ва бомдод намозларини ўқиш орқали Аллоҳнинг поклаб ёд этишга буюрилган бўлса, ушбу оятда улар аср ва пешин намозларини ўқиш билан Парвардигорга мақтов айтишга амр қилинмоқда.
19. У ўликдан тирикни чиқаради ва тирикдан ўликни чиқаради ҳамда ерни ўлганидан кейин “тирилтиради”. Сизлар ҳам шундай чиқариласизлар.
Аллоҳ шунчалар қудратли ва ҳикмат соҳибидирки, У ўликдан тирикни чиқаради ва тирикдан ўликни чиқаради. Ўйлаб кўринг: пилла қурти аввалда ўлик зарра эди, кўп ўтмай ундан майда қуртлар пайдо бўлади. Улар ўз устига ипак қобиқ ясаб, сўнг шу қобиқ ичида ўлади. Кўп ўтмай ана шу ўлик қуртдан майда капалаклар пайдо бўлиб, улар ҳам уруғ ташлайди ва ундан яна ипак қурти пайдо бўлади. Худди шу каби инсонлар ҳам ажали етиб, ўлади, сўнг улар қиёматда қайта тирилишади. Бу худди Ернинг фасллар алмашганидаги ҳолатига ўхшайди: қиши билан ўлик каби ҳаракатсиз ётган ернинг баҳорда уйғониб, жонланишига, қайтадан “тирилиши”га ўхшайди. Ушбу оятда борлиқда ҳар доим такрорланиб турадиган ҳолат ажойиб услубда баён қилинмоқда. Бу дунёда доимий равишда ўликдан тирик, тирикдан ўлик чиқиб туради. Ҳар бир сонияда қандайдир ўсимлик қурийди, бошқаси уруғдан чиқади. Кимдир ўлади, кимдир туғилади. Бу нарса ерда ҳам, кўкда ҳам, сувда ҳам бўлиб туради. Сон-саноғига етиб бўлмайдиган ушбу жараёнларнинг ҳар бири фақат Аллоҳ таолонинг амри билан амалга ошади.
Эй инсон, сен дунё ҳаётида Аллоҳнинг бир меҳмонисан. Сени бу Ер бешигида У Зот озиқлантирди, тарбиялади, улғайтирди. Кўзингга уйқуни У солади ва иродангдан ташқари ҳолатда уйқудан уйғотади, яъни ҳар куни ўлдириб, қайта тирилтиради. Ухлашга ва қайта уйғонишга кучи етмайдиган сендек ожиз инсоннинг Аллоҳнинг бу қудратига ишонмаслигинг ажабланарли! Сени ухлатган Зотўлдира ҳам олади, сени уйғотган Зот тирилтира ҳам олади. Кеча бу олам саҳнида қанча инсонлар ўйнаб-кулиб юрган эди, бугун улар йўқ, тириклар рўйхатидан ўчирилган. Эртага ўчирилиш навбати сенга ҳам келади. Сени бу рўйхатдан ўлим қалами билан ўчиришганда, дунёдаги ҳаётингга сўнгги нуқта қўйилганида Аллоҳнинг иродасига қарши чиқа олмас экансан, ўлгандан кейин Унинг сени қайта тирилтиришига қарши чиқа оласанми? Одамзот ҳар куни яшаб турган бу ўлиб-тирилиш ҳодисасини Ер курраси ҳам ҳар йили яшаб ўтади. Атрофига ибрат кўзи билан қараган киши Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик қудратига, яратиш ва йўқ қилишда ягоналигига, ибодатга сазоворлигига ва бошқа комил сифатларига далолат қилувчи жуда кўп белги-аломатларни кўради.
20. Сизларни тупроқдан яратгани ва сўнгра сизларнинг башар бўлиб тарқалганингиз Унинг белгиларидандир.
Аллоҳтаолонинг инсон зурриётини жонсиз тупроқдан яратгани ҳам Унинг буюк яратувчилик қудрати ва ҳикматига далолат қилувчи ёрқин далилдир. У инсон наслининг асли бўлган Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратган. Сўнгра унга Ўз руҳидан жон пуфлаб киритган. Кейин Одам алайҳиссаломдан тарқаган беҳисб зурриётларнинг Ер юзида тарқалиб, кўпайиб юришининг ўзи Аллоҳнинг Биру Борлигига, комил сифатларига, қудрати ва азаматига исботталаб қилмайдиган ҳужжатдир. Инсондаги бу гўзал хилқат, бу ажиб юз, хушбичим қомат, кўркам қош-кўзлар, мута-носиб қўл-оёқлар, бир нафас ҳам ором олмай, тўхтовсиз ва беминнат ишлайдиган ички аъзолар қаердан пайдо бўлиб қолди? Минглаб мўйқалам усталари ўхшатиб чизолмаган, минглаб шоирлар таърифини келтиролмаган инсон аъзоларининг Яратувчиси, Мусаввири - Аллоҳ таолонинг Ўзидир! Инсоният илм-фанда қанчалик тараққий этмасин, неча-неча кашфиёт ва ихтиролар қилинмасин, Аллоҳнинг ҳикмати, мўъжизаси олдида буларнинг ҳаммаси ўз жозибасини, қимматини йўқотиб қўяверади. Инсондек мукаррам, айни вақтда мураккаб ва ажойиботларга тўла мавжудотни Аллоҳдан ўзга ким яратади? Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин жуфтлар қилиб кўйди. Қайси бир урғочи нимага ҳомиладор бўлса, нимани туғса, фаҳат Унинг илми билан бўлур. Ҳар бир умр кўрувчига умр берилиши ёки унинг умрининг қисқар-тирилиши, албатта, китобда бордир. Албатта, бу Аллоҳга осондир” (Фотир, 11).
21. Таскин топишингиз учун сизларга ўзингиздан жуфтлар яратгани, ораларингизга муҳаббат ва меҳрибонлик солиб қўйгани Унинг белгиларидандир. Бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун аломатлар бордир.
Яъни, Аллоҳ таоло инсонларни жуфт-жуфт, эр-хотин қилиб яратганининг ҳикмати шундаки, эркаклар ўзларидан бўлган аёллардан таскин, ором олишади. Ана шу таскинни топиш учун эса Аллоҳ улар орасига иноқлик ва меҳр-муҳаббатни солиб қўйган. Бу нарса Унинг оят-аломатларидандир. Тафаккур қиладиган қавмлар учун бу ишда аломатлар бор. Дарҳақиқат, оила қуришнинг асл сабабларидан бири эр-хотин бир бирларидан сокинлик, ором топишларидир. Эр кундузлари рўзғорига нафақа топиш мақсадида ишлайди, кечқурун уйига чарчаб келади. Шунда унга аёлидек сокинлик бера оладиган ҳеч бир кимса бўлмайди. Мана шундай таскин сабабли у яна тетиклашади ва эртанги кунги касби учун янги ғайрат, янги шижоат олади. Шунингдек, оиланинг оғир-енгилликларини бирга кўтаришлари учун Аллоҳ таоло уларнинг ўртасига муҳаббатни ҳам солиб қўйди. Эр уйдан ташқарида оиланинг зарурий таъминоти учун машғул бўлса, аёл уйнинг тадбири ва фарзанд тарбияси билан машғул бўлади. Бу нарсалар уларнинг ўртасида ўзаро муҳаббатни ҳосил қилади. Шунингдек уларни бир-бирларига меҳрибон қилиб қўйди. Оятда аввал муҳаббат, кейин эса меҳрибонлик зикр қилинди. Одам боласи борки, вақт ўтиши билан хилқати ўзгариши ва куч-қувватнинг кетиши ҳақиқатдир. Аёлнинг гўзаллигига ҳам кунларнинг ўтиши ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди, аммо ўртадаги меҳр-муҳаббат асло завол топмайди.
Шу нарсага алоҳида эътибор қаратиш лозим бўладики, инсон ёши ўтганидан сўнг аввалгидек таскин-сакинат топа олмагани сабабли ўзаро муҳаббат йўқолиши мумкин. Чунки аёл эрининг хизматини аввалгидек қила олмайди. Эр ҳам аввалги ҳолатидек касб қилиб бера олмай, камбағал бўлиб қолиши мумкин. Ана шунда улар бир-бирларига суянчиқ ҳамда меҳр-шафқатли бўлишга муҳтож бўлишади.
Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг орасига меҳрибонликни солиб қўйган. Қарилик етганда улар бир-бири ҳақида: “Ёшлигини мен учун, менинг қувончларим учун фидо қилган эди, энди қариганда меҳрибон бўлишим керак” деб, бири иккинчисига суянчиқ бўлишлари лозим. Агар Аллоҳ таоло уларнинг ўртасига меҳр-муҳаббат солиб қўймаганида эди ёки уларнинг ўртасидаги меҳрибонлик худди ошналар, улфатлар ёки шериклар ўртасидаги меҳрибонлик каби бўлганида эди, оддий келишмовчиликлар сабабли оилалар бузилиб, эр-хотин юз кўрмас бўлиб кетаверар эди. Уларнинг ўртасида бунчалик меҳр-муҳаббат бўлиши эса Аллоҳ таолонинг мўъжизаси ҳамда У зотнинг чексиз қудрат соҳиби эканига далилдир.
22. Осмонлару Ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг хилма-хил бўлиши ҳам Унинг белгиларидандир. Бунда илм эгалари учун аломатлар бордир.
Осмонларни ҳеч бир устунсиз кўтариб, Ерни махлуқотнинг яшаши учун қулай қилиб қўйган, қуёшни шуъла сочувчи, ойни нур таратувчи қилиб яратган Аллоҳ таолодир. Борлиқдаги барча нарсалар Унинг буюк яратувчилик қудратига, бунда У ҳеч бир шерикка муҳтож бўлмаслигига далолат қилади. Осмонлар ва Ерга чуқур тафаккур билан назар солган, ибрат кўзи билан қараган одам Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, комил сифатлар соҳиби эканига дарҳол ишониб етади. Ер юзини макон тутган миллирадлаб инсонларнинг қиёфада бир-бирига ўхшамаслиги, уларнинг тиллари, терилари, кўзлари ва сочларининг ранг-баранглиги, яшаш тарзлари бир-бирлариникидан тамоман фарқланиши ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг белгиларидандир. Одам фарзанди осмон остида ва замин устида яшайди-ю, атрофидаги мана шу оламнинг ниҳоятда улканлиги, мураккаблиги, мўъжизаларга бой эканига эътибор бермайди. Эътибор берса ҳам, маълум қисмини, маълум бир мақсад билан ўрганади. Шунингдек, инсон боласи ўзига ўхшаган одамлар билан кўришади, гаплашади, лекин илоҳий қудрат туфайли уларнинг тиллари ва ранглари турлича яратилганига эътибор бермайди. Аслини олганда, булар ҳам улкан мўъжизалардир. Бунда фақат илоҳий қудрат ҳақида фикр юритувчи, Аллоҳнинг мўъжизалари ҳақида ўйлаб кўрувчи оқил инсонлар учун аломат-белгилар бордир.
23. Кечаси ва кундузи ухлашингиз ҳамда Унинг фазлидан исташингиз ҳам Унинг белгиларидандир. Бунда эшитадиган қавм учун аломатлар бордир.
Инсонларнинг кўплари ҳаётлари тўкис бўлиши учун Аллоҳ ато этиб қўйган айрим неъматларнинг қадрига етишмайди. Шулардан бири У Зотнинг кечасини инсонлар кун бўйи меҳнат ва ризқ талабида саъй-ҳаракатлардан бўшаб ҳордиқ чиқаришга, куч тўплашга, эртасига эрталаб ҳеч нарса бўлмагандай яна ҳаёт ташвишларига шўнғиб кетишга имкон берувчи бир муҳлат қилиб қўйганидир. Ҳақиқатан, кечаси уйқу ва роҳат учун, кундузи ризқ излаш, нафақа-маишат учундир. Гоҳида шароит тақозоси билан тунда ишлашга, кундузи дам олишга тўғри келади. Аммо бу ҳолатда белгиланган тартиб бузилгани учун инсон яхшилаб ҳордиқ чиқара ол-майди, бу ҳолнинг узоқ давом этиши эса инсоннинг заифлашуви, хасталанишига олиб келади.
Уйқу - Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат-лардандир. Одамларнинг уйқуга эҳтиёжи жуда катта. Буни билиш, англаб етиш учун бирор кун уйқусиз юришнинг ўзи етади. Буни уйқусизлик дардига мубтало бўлганлар ёки зулм остида уйқусидан маҳрум қилинганлар жуда яхши ҳис қилишади. Олимларнинг таъкидлашларича, инсон очлик ва шу каби бошқа салбий ҳолатларга узоқ муддат бардош бериши мумкин, аммо уйқусизликка уч кундан ортиққа чидай олмас экан. Уйқу инсон учун, унинг завқли ҳаёт кечириши учун ниҳоятда зарур омилдир. Хуллас, «уйқу» деб аталмиш бу улуғ неъмат ҳам Аллоҳнинг Биру Борлигига ёрқин оят-белгидир. Шунингдек, инсонлар учун Аллоҳ яратиб қўйган кундузнинг ҳам аҳамияти катта. Одам уйқудан туриб, ҳаракатга тушади ва Аллоҳнинг фазлу карамидан ризқ-рўз излашга киришади. Инсон жуда кўп муҳим ишлари ва юмушларини фақат кундузи бажара олади. Инсоннинг юриш-туриши, ҳаёт учун ҳаракат қилиши, ўзига, оиласига керакли нарсаларни топишга уриниши ҳам Аллоҳнинг Биру Борлигига, баркамол сифатлар соҳиби эканига ёрқин оят-белгидир.
24. Сизларга қўрққан ва умидвор ҳолингизда чақмоқни кўрсатиши ва осмондан сув тушириб, у билан ерни ўлганидан кейин тирилтириши Унинг белгиларидандир. Бунда ақл юритадиган қавм учун аломатлар бордир.
Чақмоқ чақнаб, борлиқни ёртиб юборганида бундан қўрқмайдиган одам бўлмаса керак. Йилнинг маълум мавсумида юз берадиган бу ҳодиса инсон қалбига ҳамиша ўз таъсирини ўтказиб келган. Лекин қурғоқчиликни бошдан кечираётган баъзи юртларнинг аҳолсида чақмоқ мўл-кўл ёғин ёғишига умид туғдириши ҳам мумкин. Баъзи уламолар ушбу оятга чақмоқдан қўрқиш, унинг ортидан келадиган ёмғирдан умид қилиш маъносини берганлар. Олимлар-нинг кашфиётига қараганда, чақмоқ чақиб, у кислородни куйдириши натижасида ўсимликлар учун ўта фойдали ўғит - азот пайдо бўлар экан. Ана ўша модда ёмғир билан ерга тушиб, ўсимликларнинг ўсишига, ҳосил беришига омил бўлар экан. Демак, чақмоқдан қўрқиш ва ундан умид қилишнинг ҳам алоҳида илоҳий ҳикмати бор экан. Буни яхши тушуниб етиш учун қурғоқчилик бўлган юртларни кўриш керак. Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирмай қўйган юртларда ер ўлиб, ўсимликлар, булоқ ва қудуқлар қуриб, ҳайвонлар ва одамлар қирилиб, ҳаётнинг ҳалокатга кетиш асарлари кўрилади. Шундай жойга Аллоҳ таоло чақмоқ чақдириб, ёмғир ёғдирган пайтда эса одамларда қурғоқчилик офатидан халос бўлишларига умид пайдо бўлади. Чақмоқ, ёмғир ёғиши ва шу каби ҳодисалар фақат Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига боғлиқ ишлардир, У Зотдан бошқа ҳеч ким бунга қодир эмас. Албатта, бунда ақл юритувчи қавмлар учун аломат-белгилар бордир.
25. Осмонлару Ернинг Унинг амри билан туриши ҳам Унинг белгиларидандир. Сўнгра сизларни бир бор чақириши билан ердан ҳаммангиз бирдан чиқасизлар.
Қадимги даврларда инсонлар ерни ясси деб билишган. Кўп асрлар мобайнида узоқ жойларга сафар қилишга журъатлари етмаган, улар ер тугаб қолиб, пастга қулашдан қўрқишган! Франсис Дреик исмли олим ерни шар шаклида эканини исботлаган биринчи киши эди, у бу ишини 1597 йил ерни кемада айланиб чиққанидан сўнг бажарди. Энди кеча ва кундузни алмашиб туриши ҳақидаги қуйидаги қуръоний оятга эътибор беринг: “Аллоҳ кечани кундузга кирипишшни ва кундузни кечага киритишини... кўрмадингизми?!” (Луқмон, 29). Ушбу оятнинг маъноси шуки: кеча секин-аста ва босқичма-босқич кундузга ўзгаради ва аксинча. Бу ҳодиса ер шар шаклида бўлганидагина содир бўлиши мумкин. Агар ер ясси бўлганида эди, кечанинг кундузга ва кундузнинг кечага ўзгариши бир лаҳзадаёқ амалга ошган бўларди. Ер худди копток каби думалоқ эмас, балки геосферикдир, яъни қутбларга томон яссилашиб боради. Қуйида келтириладиган оят ернинг асл шакли ҳақида маълумот беради: “Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди” (Нозиот, 30). Бу оятда тухум маъносини билдириб келган сўз арабчада “даҳаҳа” бўлиб, бу аслида туяқушнинг тухумига нисбатан ишлатилади. Туяқушнинг тухуми Ернинг геосферик шаклига ўхшайди. Шундай қилиб, ўша пайтларда ернинг ясси, деб ҳисоблаш кенг тарқалган тушунча бўлганига қарамай, Қуръон ернинг шаклини тўғри тасвирлаб бермоқда.
Бу ояти каримада қисқагина сўзлар билан улкан ҳақиқат ифодаланмоқда. Осмонлару Ерни ким тутиб турибди? Нима учун улар жойидан қўзғолиб, сурилиб кетмаяпти? Ўзаро тортишиш кучи ушлаб турибдими? Хўп, ўша ўзаро тортишиш кучини ким пайдо қилган? Бунга Аллоҳдан бошқа ҳеч бир зот қодир эмас! Демак, осмонлару Ер собит туришининг ўзи Аллоҳнинг Биру Борлигига, баркамол сифатлар эгаси эканига аломат-белгидир. Ана шундай улкан жисмлар ва чексиз коинотни Ўз тасарруфида ушлаб турган Зот вақти-соати келиб, қиёмат қойим бўлганида сизларни бир марта чақирса, кўмилиб ётган ерингиздан ҳаммангиз бирдан чиқасизлар. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Демак, ўша Кунга ҳозирдан тайёр-гарлик кўриш керак бўлади.
26. Осмонлару Ердагилар Уникидир. Барчаси Унга итоатдадирлар.
Борлиқдаги устунсиз турган осмонлар ҳам, устида миллиардлаб инсонлар умргузаронлик қилаётган бу куррамиз ҳам, унда макон тутган барча махлуқотлар ҳам фақат Аллоҳ таолоникидир. Барча махлуқотнингягона Холиқи (яратувчиси) ва Молики (эгаси) Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Осмонлар ҳам, Ер ҳам, борлиқдаги галактика ва сайёралару беҳисоб осмон жисмлари ҳам - бари Аллоҳ таоло жорий қилган қонун-қоидага мослашиб туради ва ҳаракатланади. Ҳеч бир нарса Аллоҳ таолонинг иродаси ва хоҳишидан четга чиқа олмайди, ҳаммаси ҳамиша Унга итоатдадир.
27. У махлуқотни аввал бошда яратиб, сўнгра уни қайта яратадиган Зотдир, бу эса Унга жуда осон. Осмонлару Ердаги энг олий мавқеъ Уникидир. У қудратлидир, ҳикматлидир.
Яъни, аввалда ҳеч нарса бўлмаганида Аллоҳ таоло барча махлуқотларни йўқдан бор қилиб яратди. Инсон наслининг Одам алайҳиссаломдан тарқалиб, Ер юзида яшашини ирода қилди. Одамизодни йўқ ердан яратган Аллоҳ уларни қиёмат куни қайтадан яратувчи, яъни тирилтирувчи ҳам Унинг Ўзидир. Йўқдан бор қилувчи Зот учун борни қайтадан вужудга келтириш асло қийин иш эмасдир. Ана шундай қудратли яратувчи Зот осмонлару Ерда Ўзининг олий ва баркамол сифатларига эга. Унинг сифатларига ҳеч ким шерик бўла олмайди, яқин ҳам кела олмайди. У ўхшаши, тенги, шериги бўлмаган Зотдир. Унинг Ўзи барча сифатларида яккаю ёлғиздир. Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан азиз, қудратли ва ғолиб, ҳар бир нарсани ўта ҳикмат билан қилувчи Зотдир.
28. У сизларга ўзларингиздан мисол келтиради. Сизларнинг қўл остингиздагилардан Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсада шерикларингиз бормики, сизлар унда тенг бўлиб, улардан ҳам бир-бирингиздан қўрққандай қўрқасизларми?! Ақл юритадиган қавмлар учун оятларни ана шундай муфассал баён қиламиз.
Бу ояти каримада Аллоҳ таолога ширк келтириб, фаришталар, жинлар, одамлар, ҳайвонлар, бут-санамлар ёки табиатдаги нарсаларни “илоҳ” санаётган баъзи мушрикларнинг мисоли келтирилмоқда. Аллоҳ таоло уларга хитоб қилиб айтяптики, сизларнинг ширкингизга қарши ўзларингиздан мисол келтирмоқчиман: айтайлик, сизга Аллоҳ томонидан жуда кўп мол-давлат, бойликлар ризқ қилиб берилган. Шунда қўл остингизда хизматингизни қилиб юрган бир қул ёки жория ана шу бойликлардан маълум қисмини менга ҳам берасан, деб туриб олса, сиз уларга молингизнинг бир қисмини берармидингиз?! Биз сизларга ризқ қилиб берган неъматга қулингиз ҳам сизга шерик бўлишини хоҳлайсизми? Йўқ! Ўз молингизни унда ҳаққи бўлмаган бошқа биров билан баҳам кўришни истамайсиз. Аллоҳ берган ризққа ўз қулингиз шерик бўлишини хоҳламас экансиз, қандай қилиб Аллоҳга Унинг Ўзи яратган қулларини, махлуқотларини шерик қилишни раво кўрасиз? Борлиқдаги ҳамма нарса ёлғиз Аллоҳники бўлсаю, Унинг мулкига ҳаққи бўлмаган кимларнидир шерик қилиш соғлом мантиққа тўғри келармикин? Аллоҳ берган ризққа қулингизнинг сизга шериклик қилишига рози бўлмайсизу унда нега Аллоҳ таолога Унинг Ўзи яратган махлуқотларни шерик қиласиз? Аллоҳ таоло ақл юритадиган инсонлар учун Ўз оятларини мана шундай мисоллар билан муфассал баён қилиб беради. Ушбу тафсилотларни тўғри тушунган одамлар Аллоҳга ширк келтиришнинг асосий сабабини ва хатарини яхши англаб олишади.
29. Йўқ, золимлар бирор билимсиз ҳавойи нафсларига эргашдилар. Аллоҳ адаштирганни ким ҳидоят қила оларди? Уларга ёрдам берувчилар ҳам бўлмайди.
Илм мавҳум нарсани аниқ қилиб айтишдан қайтаради. Қуръони карим эса ҳақиқий илмий нарсаларга суянишга чақиради. Аллоҳ таоло мусулмонларга илмий асосда иш олиб боришни кўрсатиб, “Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма!” (Исро, 36) дейди. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани аввалги ояти каримада мушриклар ҳақида келган фикрни рад қилиш билан бошлаб: “Йўқ!” деб хитоб қиляпти ва мушрикликнинг асосий сабаби золимлик ва ҳавойи нафсга эргашиш эканини уқтиряпти. Агар уларнинг озгинагина илми бўлганида, илмни ишлатиб, ҳавойи нафсга эргашмаганида, Аллоҳга ширк келтиришмас эди. Лекин улар билимсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар. Натижада мушрик бўлиб, улкан зулм қилишди, ҳавойи нафсларига эргашиб, зулм қилганлари учун Аллоҳ уларни залолатга, яъни адашишга маҳкум этди. Аллоҳ адаштирган кимсани бирор киши ҳам тўғри йўлга йўллай олмайди, бундайларга дунё ва охиратда ширкдан қутулишда ва икки дунё саодатини топишда бирорта ҳам ёрдам берувчи бўлмайди. Аллоҳнинг қаҳрига, ғазабига ва жазосига учраган кимсага ким ҳам ёрдам бера оларди?
Шундан кейин Аллоҳ таоло ҳавойи нафсига эргашганларнинг мазаммат қилинишини тўхтатиб, Ўзининг суюкли Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилади:
30. (Эй Муҳаммад), ҳаниф динга юзланинг, Аллоҳ одамларни мана шу соф табиатда яратган. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмайди. Мана шу тўғри диндир, лекин кўп одамлар билишмайди.
Оятдаги “ҳаниф” сўзи луғатда «чин эътиқоддаги, тақводор, ҳаққа мойиллик» маъноларини англатади. Исломгача бўлган даврда турли қабила бутлари ва санамларга сиғинишни рад этган, яккахудоликка астойдил имон келтирган, зоҳид ва тақводор, аммо яҳудийлик ёки насронийликка кўшилмаган, Иброҳим алайҳиссалом динида бўлган кишилар «ҳанифлар» деб аталган. Қуръони каримда Иброҳим алай-ҳиссаломнинг ўзлари ҳам «ҳаниф» деб номланган. Кейинчалик ҳаниф кўпинча «мусулмон», ҳанифлик дини эса «Ислом» маъносида қўллана бошлаган. Араб тилида «ҳаниф» сўзи ёмонликдан яхшиликка, ботилдан ҳаққа юзланиш маъносида ҳам ишлатилади. Шунинг учун бу жумланинг маъносини «барча ёмонликлардан юз ўгириб, ҳақ динга юз тут» деб тушунса бўлади. “Мушрик, кофир ва бошқалар ҳавойи нафсга эргашиб, ўзиникини маъқуллайверади, уларнинг барини эътиборсиз қолдириб, ҳақ динга юзлан” деган маъно чиқади. Аллоҳ таоло одамларни асл фитратларида, улар табиатига тавҳид динини - ягона Аллоҳга имон келтиришни жойлаб қўйган.
Аллоҳга ширк келтириш эса инсоннинг асл табиатига зид бўлиб, бу кулфат илмсизлик ва ҳавойи нафсга эргашиш оқибатида пайдо бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир фарзанд асл табиат билан, таслим бўлиш фитратида туғилади. Фақат ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу дин асл табиатидан узоқлашган одамларни асл фитратига қайтаргани учун ҳам энг тўғри диндир. Айрим кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашиб ёки жоҳилликлари туфайли турли бузуқ дин ва эътиқодларга эргашиб юришлари ўз динларининг асл моҳиятини билмасликларидандир. Ушбу оятдаги хитоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлса ҳам, унда барча мўминлар кўзда тутилган. Шу сабабли бундан кейинги оятда хитоб умумлашади.
31. Унга ўзингизни топширган ҳолда тақво қилинглар, намозни адо этинглар ва мушриклардан бўлмангларки;
Оятдаги “муниб” сўзи луғатда ўзини Аллоҳга топшириш ва тавба қилиш маъноларини билдиради. Яъни, ҳар бир ишда, ҳар дамда ўзингизни Аллоҳга топширинг, қиёмат куни келганида Унга қайтишингизни бир лаҳза ҳам унутманг, ҳар бир амалингизни фақат Унинг розилиги йўлида қилишга интилинг, Унинг буюрганларини бажаринг, қайтарганларидан четда бўлинг. Аллоҳга юзланиш, Унга юкунишнинг шартларидан бири Аллоҳга тақво қилиш, яъни ҳамиша Унинг ғазаби ва азобидан қўрқувда туриш ҳамда Аллоҳ бандаларига фарз қилган намозларни барча арконларига риоя қилган ҳолда тўкис адо этишдир. Аллоҳнинг динига юз тутганингизда, ҳар бир нарсада Аллоҳга қайтувчи бўлинг. Яна мушриклардан бўлмангки, ширк энг катта зулмдир. Ким бирор нарсани - бут-санамни ё маъбудни, табиат ҳодисаларию осмон жисмларини ёки қандайдир сохта илоҳларни қудратли ва ҳаким Зотга шерик қилгудай бўлса, дунёдаги энг катта зулмга қўл урган бўлади. Шунингучун динимизда ширк энг қаттиқ гуноҳлардан (гуноҳи кабиралардан) саналади.
32. улар динларини бўлиб олиб, фирқаларга ажралишди ва ҳар бир фирқа ўзидаги нарса билан хурсанддир.
Ушбу ояти каримада мушрикларнинг яна бир катта хатолари зикр қилинмоқда. Мушриклар эътиқодда, имонда адашувга кетганлари етмагандай, энди улар ўз эътиқодларида турли фирқаларга бўлиниб ҳам кетишган. Уларнинг бир гуруҳи Аллоҳга бут-санамларни шерик қилса, бошқаси фаришталарга, яна бирлари Аллоҳ таолонинг Ўзи юборган пайғамбарга, ота-бобоси ёки подшоҳига, бошқалари қавмининг ҳукмдорлари, руҳонийлари ёки олимларига сиғинади. Мушрикларнинг айрим тоифалари қуёш, ой, юлдузларни, баъзилари бирор ҳайвон ёки қабр тошларини, бошқа бирлари жинларни, тоғу тош, дов-дарахтни ва яна аллақандай нарсаларни Аллоҳга шерик қилишади. Булар ҳам ўз навбатида яна алоҳида майда фирқаларга ажралади. Адашган фирқаларнинг бари ўз йўлини тўғри деб билади, ўзи сиғинаётган нарсаларни ҳақ санайди. Шу тариқа ҳақ йўлдан адашиб, икки дунё саодатини бой беради. Шунинг учун Аллоҳ таоло мусулмонларни ана шулар каби бўлиниб кетмасликка, тафриқага тушмасликка, адашганига қарамай, ўзи танлаган йўлдан хурсанд бўлиб юрган мушриклар тоифасидан бўлиб қолмасликка чақирмоқда.
Келгуси оятларда ушбу энг тўғри дин - Исломга кирмаганларнинг ҳоллари қандай ўзгариб, субутсиз бўлиб қолишларининг зикри баён этилади:
33. Қачон одамларга бирор зиён етса, Парвардигорларига қайтиб, Унгагина илтижо қилишади. Сўнгра қачон уларга Ўзи-дан раҳмат тоттириб қўйса, улардан бир гуруҳи Парвардигорларига ширк келтира бошлайдилар;
Қатъий имон эгаси бўлмай, шамол қаёқдан эсса, ўша томонга бурилиб кетадиган айрим субутсиз инсонлар эътиқод масаласида ҳамиша собит туришмайди. Бошларига салгина мусибат ёки қийинчилик тушиб қолса, дарров Парвардигорларини эслаб қолишади. Чунки ҳеч бир инсон ғам-кулфатлардан, балолардан ҳимояланган эмас. Бирор киши йўқки, ҳаётида мусибат-офатларга учрамаган бўлсин. Кимнингдир уйи, мол-мулки арзимас бир сабаб билан ёнғинга учраб, ёниб кетиши мумкин. Ёки кимдир энг суюмли фарзандидан, яқинларидан жудо бўлиб қолиши мумкин. Баъзиларга Худо тузалмас бир дардни бериб қўйган. Кимдир узоқ йиллар эгаллаган мансабидан ҳайдалган. Бошқаси хотини (ёки эри) билан ажрашган. Имтиҳондан йиқилган, севгани ташлаб кетган, пулини ўғирлатган, деҳқончилиги офатга учраган, тижорати синган, машинасини уриб олган ва ҳоказо. Холиқу Зулжалол кимга яхшиликни ирода қилса, унга мусибатни юборади. Ҳикоя қилишларича, устозлардан бирлари хорижий юртдаги анжумандан самолётда қайтиб келаётган эканлар. Бирор ҳодиса рўй берганми, самолёт аэропортга қўна олмай, узоқ вақт тепада айланиб учаверибди. Шунда самолётда ўтирган ажнабий кишилар салла-чопон кийган устознинг олдиларига келиб, имо-ишора билан осмонни кўрсатар, Аллоҳга дуо қилишни сўраб ёлборишар эмиш. Бошига оғир кулфат тушса, ҳар қандай одам ҳам Аллоҳга илтижо қилади. Бу ҳол қайта-қайта тажрибадан ўтган. Ҳар қандай одамнинг ҳам иши юришмаганда Аллоҳэсигатушиб қолади.Назрлар атаб, эҳсонлар бериб, дуолар билан машғул бўлади. Турли табиий офатлар, урушлар ёки бошқа қийинчиликларга дучор бўлган халқлар ва давлатларнинг динга қайтиб, худога ёлвориб қолиши ҳаммага маълум ва машҳур. Ҳатто умр бўйи пешонаси сажда кўрмаган подшоҳлар ҳам бундай ҳолатларда ўзларини художўй қилиб кўрсатишга уриниб қолишади. Мусибатга дучор бўлганда ўзини ўнглаб, тавба қилиш, Аллоҳга юкуниш яхши нарса, бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ. Аммо афсусланарлиси шундаки,қатъий имон-эътиқодга эга бўлмаган бундай одамлар бошларидан мусибат ариши, балолар кўтарилиши биланоқ яна эски йўлларига қайтишади, Парвардигорларини тезда унутиб, яна Аллоҳга ширк келтириш, куфрга бориш ва нифоқ йўлига ўтиб олишади.
34. уларга ато қилган нарсамизга куфр келтираверсинлар! Фойдаланиб қолинглар, яқинда биласизлар!
Яъни, Аллоҳ таоло инсонларга меҳрибонлик кўрсатиб, неъмат ва атоларни берса, улар бундан шунақанги хурсанд бўлиб кетишадики, ҳатто бу неъматлар учун Парвардигорларига шукр айтишни ҳам унутиб юборишади. Аммо қилган гуноҳлари учун Аллоҳ бошларига мусибат ёки балосини юборса, шунда улар Парвардигорнинг меҳрибонлигини эсдан чиқаришади,Унга куфр ва мушриклик йўлига ўтишади. Бу оятдаги амрлар таҳдидни англатади. Яъни Аллоҳ Ўз неъмати ила уларнинг бошига тушган зарарни кўтарса, Унга шукр этиб, янада кўпроқ ибодат қилиш ўрнига, ширк келтиришлари ўта жоҳиллик ва куфрони неъматдир. Улар ҳавойи нафсларининг сўзига кириб, фоний дунёнинг лаззатларига ғарқ бўлган ҳолда ҳузурланиб юришаверсин. Яқинда бу роҳатлари тугаб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланишганида ўзларини нақадар катта хато қилганларини, мушрикликлари билан дунё ва охиратдаги бахтларини бой беришганини билиб олишади. Бундай одамлар нима учун бошларига мусибат тушганида Аллоҳга ёлвориб, илтижо қилишга ўтишадию, Аллоҳнинг раҳмати ва меҳрибонлигидан баҳраманд бўлишганида Унга ширк келтиришади?
35. Ёки Унга ширк келтирганлари ҳақида сўзлайдиган уларга бирор ҳужжат-далил туширганмизми?
Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтяптики, Биз ўша мушрикларни ўз адашувларида ёлғиз қолдирганмидик ёки уларнинг бут-санамларга сиғиниб юришларининг гуноҳлиги ҳақида огоҳлантирмаганмидик? Аксинча, Биз уларнинг Аллоҳга шерик қилиб сиғиниб юрган бут-санамларининг ҳеч нарсага арзимаслиги, қилмишлари хатолиги ҳақида баён қилиб берувчи ишонарли далил-ҳужжатларни юборганмиз, пайғамбарларимиз орқали уларни ҳақ йўлга чақирганмиз. Ёки мушрикларнинг қўлида бу ҳақда Биз томонимиздан нозил қилинган бирон ҳужжат борми?! Ўша ҳужжат Аллоҳ таолога ширк келтиришга рухсат бериб қўйганми?! Улар шунинг учун Бизга сохта “илоҳ”ларни шерик қилишяптими?!
36. Биз одамларга бирор марҳамат кўрсатсак, ундан хурсанд бўлишади. Агар уларга ўз қўллари қилган нарса туфайли бирор ёмонлик етса, дарҳол умидсизликка тушишади.
Инсонлар кўп ҳолларда қанчалар буюк марҳаматга сазовор эканларини унутиб, ношукрлик йўлига ўтишади. Аллоҳнинг ризқ ва неъматлари тўкис келиб турса, бундан хурсанд бўлиб юришаверади. Аммо қилган гуноҳлари ёки Аллоҳни унутганлари эвазига бошларига бирор мусибат ёки ташвиш етиб қолса, дарров умидсизликка тушиб, Аллоҳнинг марҳаматини эсдан чиқаришади. Ваҳоланки, ҳаёт асло бир маромда кечмайди.У оқ ва қора кунлардан ташкил топади. Тун кунга алмашганидай, қиш ўз ўрнини ёзга бўшатганидай, ҳамма нарса навбати билан алмашиб туради. “Дунёи чархпалак”, деб қўйишибди уни. Хурсандчилик ортидан албатта хафагарчилик, бахт ортидан бахтсизлик, соғлик ортидан беморлик, ёшлиқцан сўнг қарилик келаверади. Бунда сиздан ижозат сўралмайди ҳам. Уларни тўхтатиш ёки ўрнини алмаштириб қўйиш инсонларнинг қўлидан ҳам келмайди. Булар Яратганнинг иродаси, ўлчовлари, ҳар бир инсоннинг пешонасига битган ёзуғи. Ҳамма нарса қазою-қадарда битилиб, муҳрлаб қўйилган. Тақдирингиздан қочиб бўпсиз, қисматингизни алдай олмайсиз! Яратганнинг амрисиз инсонга битта тикан ҳам кирмайди. Тўғриликка етишганингиз хато қилмаганингиз учун эмас, хато қилганингиз тўғриликка эришмаганингиз учун эмас. Агар мана шу ақида қалбингиздан жой олиб, виждонингизда ўрнашса, балолар катта неъматга, машаққатлар ноёб ҳадяга, барча тушкун воқеалар мукофот ва совринларга айланади.
Атоқли маърифатпарвар Ризоуддин ибн Фахруддиннинг ғоят таъсирли сўзларига қулоқ солинг: «Балоларга сабр қилиш ва қазоларга бўйсуниш бало бўлмайдиган ва қазолар кўрилмайдиган жойга борадиган бирдан-бир йўлдир. Одам боласи қайғу, ҳасрат кўрмай умр кечириши мумкин эмас. Турмуш ва ҳаёт тиканли чангалзор устидан юришдан, машаққат тўлқинлари билан курашиб сузишдан иборат. Ақлли киши шу машаққатлардан қўрқмаслиги, келажакдаги роҳатларга умид боғлаб, ушбу машаққатлардан енгилмаслиги, кўнглини чўктирмаслиги зарур. Ҳар оғирлик ортидан бир енгиллик келишини Яратганнинг Ўзи ваъда қилиб қўйган. Оқил киши албатта шу ваъдани хотирлаб, кўнглини хотиржам қилади, ўзига тасалли беради. «Бошқа кишилар роҳатда юрадилар, қайғулари йўқ, ғам-аламли биргина менман», деб гумон қилиш янглиш ва зарарлидир. Роҳатда деб гумон қилинган кишиларнинг ҳоллари текшириб кўрилса, эҳтимол улардаги мусибатлар бошқаларникига қараганда оғирроқ экани маълум бўлиши мумкин. Дунё ғам-ташвиш юрти бўлиб, бир соат шодлиги бўлса, унга қарши юз соат ҳасрат-надомати бордир».
37. Аллоҳ хоҳлаганларининг ризқини кенг ёки танг қилишини кўришмасмикин? Бунда имон келтирадиган қавм учун аломатлар бордир.
Инсонлар одатда кунлари яхши ўтмаслигидан, ризқлари камайиб ёки тўхтаб қолишидан, турмушлари ёмонлашувидан ва рўзғорларининг кемтик бўлишидан ҳамиша ҳадик-қўрқувда яшашади. Ҳамма ана шу кемтикларни тўлдириш учун эртадан-кечгача зир югуради. Ҳаётини яхшилаш учун бутун билими, заковати, бойлиги, салоҳиятини сарфлайди. Бу йўлда ақл бовар қилмайдиган «тадбир»ларга, ҳийла-найрангларга ҳам боради. Оқибатда «ризқ ахтариб» руҳий хотиржамликдан, оилавий фароғатдан, маънавий камолотдан маҳрум бўлади. Лекин ҳозиргача ҳеч ким бошпанасиз кўчада ҳам қолиб кетмаган. Ҳеч ким ризқи келмай қолиб очидан ўлмаган. Ҳеч ким одамлар олдига кийимсиз, яланғоч чиқмаган. Агар битта-яримта шундай ҳол юз берган бўлса, бунга аслида бошқа инсонлар ёки жамиятлар сабаб бўлган. Шунинг учун инсон хотиржам бўлиш, руҳий сакинатга эришиш учун ризқ масаласини яхшилаб тушуниб олиши керак. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига ризқни кўпайтириб бериши, истаганига камайтириб қўйиши ҳикматини англаб етиши лозим. Чунки дунёда ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг иродаси ва хоҳиши билан бўлади. Демак, ризқ масаласида ҳам худди шундай бўлади. Бир кўрсатувда Тинч океани ўртасидаги ороллардан бирида яшовчи аҳоли асосий емиши бўлган балиқ тобора камайиб кетаётгани, аҳвол ўзгармаса яқинда ушбу оролни тарк этажаклари ҳақида таассуф билан гапирди. Агар ўша оролликлар ризқлари нимага боғлиқлигини билишганида, уммон тубида йигирма-ўттиз миллионлаб уруғ ташлайдиган балиқлар ҳам борлигини, махлуқларнинг ризқи-насибаси илоҳий қудрат ила бошқариб турилишини англаб етишганида бундай ваҳимага тушишмаган бўлар эди. Мана шу мисолларнинг ўзиёқ дунё ҳаётида ҳеч ким ризқсиз қолмаслигини исботлаб турибди.
Инсондан бошқа махлуқотлар ризқ топиш учун жон ҳам куйдиришмайди, эртанги кун учун емиш сақлаб ўтиришмайди, ғамлаганларини ўзлари билан кўтариб ҳам юришмайди. Улар «кунлик ризқ» қонунига амал қилиб, фақат бугунлари билан яшашади, эртага, ҳар куни Яратган албатта ризқ юборишини ботиний бир туйғу билан «сезиб» туришади. Худди шу каби мўминлар ҳам Парвардигорлари уларни ризқдан бенасиб қўймаслигига имон келтиришган, фақат имонсизларнинг бу ҳолни тушуниб етишлари қийин. Дунёдаги ҳамма иш Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси билан бўлганидан, ризқ берадиган ҳам Унинг Ўзи бўлганидан кейин Аллоҳга имон келтирмай, яна қай бир нарсага имон келтириш мумкин?
38. Қариндошга, мискинга ва мусофирга ҳаққини беринг. Ана шу Аллоҳ розилигини истайдиганлар учун яхшидир ва ана шулар нажот топувчилардир.
Аллоҳтаоло бир бандасига ризқини кенг-мўл қилиб берган бўлса, бунда унинг атрофидаги айрим тоифаларнинг ҳам маълум ҳақлари бор. Энг аввало силаи раҳмни, яъни қариндошлик ришталарини боғлаш учун яқин қариндошларга саҳоват кўрсатилади, уларга эҳсон ва ҳадялар берилади, марҳамат кўрсатилади. Сўнгра эса яшашга қийналиб қолган фақир ва мискинларга закот ва эҳсонлар берилади. Ватанидан узоқдаги мусофирларга ҳам ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мусулмонннинг бурчидир. Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Мусулмон киши кимга яхшилик қилишни, қандай яхшилик қилишни жуда яхши билади. Чунки Аллоҳнинг Китобида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида бу ҳақда жуда кўп амр-фармонлар, кўрсатмалар келган. Шуларга кўра, эҳсон қилиш энг олдин сизни туғиб катта қилган, едириб-ичирган, кийинтирган, чиройли таълим, хулқу одоб ўргатган, камолга етказиб уйли-жойли қилган ота-онадан бошланади. Шундан кейин қариндош-уруғлар, ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож бўлиб қолган етимлар, камбағал-фақирлар, сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади. Эҳсон-садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: «Мискинга қилинган са-дақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир»; «Расули акрам алай-ҳиссалом шундай деганлар: «Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир» (Бухорий ва Муслим ривояти). Булардан эса, ҳар бир мусулмон киши атрофи-даги одамларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бў-лиши лозим, деган фикр келиб чиқади.
39. Одамлар моли ичида кўпайсин деб рибога берган молингиз Аллоҳ ҳузурида кўпаймайди. Аллоҳнинг розилигини кўзлаб берган закотларингиз эса, айнан шулар кўпайтирувчилардир.
Аллоҳнинг розилигини кўзламай, фақат ўз манфаатини ўйлаб қилинган молиявий ибодатлар барака келтирмайди. Арабча “рибо” сўзи судхўрлик, устама фойда ейиш маъноларини англатиб, динимизда бирор мол бераётиб ё бир турли молни айрибошлаётиб, ортиқроғи билан қайтариб олишни шарт қилишни билдиради. Бу иш гуноҳи кабирадир, улкан гуноҳдир. Рибони Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Қарз беришда ортиғи билан қайтариш шарт қилинса, бу ҳам рибога киради. Қиёмат қўпиб, Аллоҳ таоло одамларни қайта тирилтирган вақтда судхўрлардан бошқа барча одамлар қабрларидан тезда туриб кетадилар. Судхўрлар худди тутқаноғи бор одамдек (ёки жин чалган кимса каби) ўринларидан туришлари билан йиқиладилар.Уларнинг дунёда судхўрлик орқали еган ҳаром нарсаларини Аллоҳ таоло қиёмат кунида қоринларида кўпайтириб қўяди ва бу нарса уларга оғирлик қилади. Улар турмоқчи бўладилар-у, бироқ йиқилиб тушаверадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг фоизга олган бир чақаси Аллоҳнинг наздида ўттиз уч марта зино қилганидан ҳам ёмонроқдир»; «Бир мамлакатда зино билан фоиз олдинга чиқдими, демак у мамлакат аҳли ўзига Аллоҳнинг азобини ҳалол қилган бўлади»; «Фоиз олувчи (судхўр) ҳам, берувчи ҳам дўзахдадир», дедилар. Ривоят қилишларича, судхўрлик учун шаръий ҳий-ла қиладиган одам Аллоҳ таолони алдаган бўлади. Ибн Масъуд розияллоху анҳу айтди: «Сендан қарз олган киши бирон нарса ҳадя қилса, олма. Чунки бу иш судхўрликдир». Ҳасан розияллоҳу анҳу шундай деган: «Агар бир киши сендан қарздор бўлса, унинг хонадонидан еган нарсаларинг сенга ҳаром бўлади». У киши яна: «Ким бир киши учун воситачилик қилса ва унга (нариги киши) ҳадя берса, у (ҳадя) ҳаромдир. Чунки ҳадиси шарифда: “Ким бир киши учун воситачилик қилса, бунинг эвазига унга ҳадя беришса ва у ҳадяни қабул қилса, батаҳқиқ, у судхўрлик эшикларининг каттасига яқинлашган бўлади”, дейилади», дейилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга бир замон келади, у вақтда ҳеч ким рибо емасдан қолмайди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳамма рибо ейдими?» деб сўрашди. «Ундан емаганга чанги етади (яъни, гуноҳидан етади)», дедилар. Чунки рибога ёрдам берган бўлади, ё кўради, ёки бу ишига рози бўлади, ёки унинг ҳадясини қабул қилади, ёки дастурхонидан ейди, хуллас - гуноҳдан насибасини олади. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Кўпайтирувчи ва кўпайтиришни сўровчи дўзахдадир», деганлар. Савдогар тижорат қилиш учун зарур бўлган миқдордаги илмни олиши лозим, судхўрлик билан тижорат, ҳалол ва ҳаром ораларини ажратиш, молига ҳаромни аралаштирмаслик, ҳаром молдан емаслик, тўғрилик билан ёлғончиликни билиб олиш, суннат билан бидъатни фарқ қила билиш, куфр билан имонни ажратиш учун албатта илм зарур.
Ушбу ояти каримада шариатда ҳаром саналган рибонинг зиддига закотнинг ҳалол экани, у молни зиёда қилиб-кўпайтириши ҳақида сўз юритилмоқда. «Закот” сўзи луғатда «орттириш, поклаш, баракот» маъноларини англатади. Дарҳақиқат, закот берганнинг моли покланиб, барака киради. Шаръий истилоҳда моли нисобга етган одамнинг ҳар қамарий йилда бир марта молининг қирқдан бир улушини Аллоҳ таоло фарз қилган ҳақдорларга бериши «закот» дейилади. Закот динимизнинг беш асосий рукнидан бири, молиявий ибодат саналади. Китоб, Суннат ва ижмоъ билан собитдир. Уни инкор этган диндан чиқади, ишониб адо этмаган улкан гуноҳ орттиради. Закот ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилинган. Закотда вақт тайин этиш жоиз. У балоғатга етган, ақлли, эҳтиёж ва қарзларидан ташқари йил тўлган нисоб миқдоридаги (ҳукман бўлса ҳам) кўпаювчи мол-мулки бор мусулмонга фарз бўлади. Закот бераётганда ёки мулкидан ажратаётганда унинг закот эканини ният қилиш лозим.
40. Сизларни яратган, сўнгра ризқлантирган, кейин жонларингизни оладиган ва сизларни яна тирилтирадиган Аллоҳдир. «Шерик» қилаётганларингиз ичида шуларнинг бирортасини қила оладигани борми?! Улар ширк келтираётган нарсалардан У пок ва олийдир.
Ушбу ояти каримада инсонлар яна Аллоҳнинг тавҳидига чақирилади, Унинг ягоналиги, ҳеч бир шериги ёки тенги йўқлиги баён қилинади. Дарҳақиқат, инсон ўзининг янги туғилган пайтини кўз олдига келтирсин: ожиз, нотавон, бир парчагина этни ким зулмат қаъридан ёруғ дунёга келтирди? Ким унга кунлик ризқини бериб, куч-мадор ато қилди? Уни улғайтириб, комил инсон қилиб етиштирди? Кейин У барча инсонларнинг жонини олади, қиёматда яна тирилтиради ва қилмишлари борасида ҳисоб-китоб қилади. Аллоҳга ширк келтираётган мушрикларнинг ўзларини Аллоҳ йўқдан бор қилиб яратган. Улар Аллоҳга шерик деб эътиқод қилаётган сохта худоларининг қўлидан инсон тугул, оддий бир пашшани яратиш келмайди. Уларнинг сохта “илоҳ”лари бир кун ҳам ризқ беришга қодир эмас. Улар сиғинаётган “илоҳ”лар уларни қиёмат куни тирилтира ҳам олмайди. Шундай экан, унда нега инсонлар яратувчи, ризқ бирувчи, ўлдириб-тирилтирувчи Парвардигорларини қўйиб, аллақандай ожиз бут-санамларга сиғиниб юришибди? Нега улар Аллоҳга имон келтириш, Унинг ваҳийларига эргашиш, Пайғамбарининг даъватига қулоқ солиш ўрнига ботил ва сохта ақидаларга ишониб ғафлатда қолишяпти? Куфр ва ширк йўлини тутганларнинг бузуқ эътиқоди ва нотўғри тасаввури билан Аллоҳ таолонинг ягоналигига путур етмайди, Унда нолойиқ сифатлар пайдо бўлиб қолмайди ёки бу билан Аллоҳнинг кибриёси, азамати ва олий мақоми пасайиб қолмайди. У ҳамма нарсадан буюк, қудратли, танҳодир!
41. Одамларнинг қилган ишлари сабабли қуруқлик ва денгизда бузғунчиликлар содир бўлди. Бу қилмишларининг баъзиларини ўзларига тоттириш учундирки, шояд улар қайтишса!
Аллоҳ таоло бошда ҳамма нарсани соф ҳолида, эзгулик ва олий-жанобликка асосланган ҳолда яратган. Аммо ҳавойи нафси ва шайтонга эргашган нобакор кимсаларнинг зулми, фисқ-фужури ва бузғунчиликлари туфайли ер юзидаги қуруқлик ва денгизларда бузғунчиликлар содир бўлди ва бўлмоқда. Инсон Аллоҳ таоло уни илк бор яратгандаги фойдаланишга берган бокира ўрмонлар ва тоза сув ҳавзаларини истаганча тасарруф қилиб, ер устини тобора харобага айлантирмоқда. Тоғлар бағридан ва денгизлар қаъридан бойликларни очкўзларча кавлаб олиб, аямай сарф қилмоқда. Бир лаҳзада минглаб одамни ҳалок қилувчи қурол-яроғларни ўйлаб топиб, инсониятни аёвсиз қирмоқда. Эътиқодсизлик, куфр ва ширкка асосланган мафкурага қул бўлиб, ер юзида зулм ва бузғунчиликни авж олдирмоқда. Одамлардаги бузуқ эътиқод ва тасаввурлардан ана шундай фисқу фасод, расволиклар келиб чиқаверади. Золим кимсаларнинг қилган бундай гуноҳлари ва фисқу фасод ишлари уларнинг ўз бошларига бало-офат, кулфатларни келтиради. Бу мусибатлар уларга танбеҳ бўлиши, залолатдан ҳидоятга, нотўғри йўлдан тўғрисига қайтишларига сабаб бўлиши керак эди, аммо улар бу қилмишларининг жазосини охиратда олишларини ўйламаганлари учун ҳамон жаҳолатларидан воз кеча олмай юришибди.
42. (Эй Муҳаммад): «Ерда юриб, олдингиларнинг оқибати нима бўлганини кўринглар, уларнинг кўплари мушрик эдилар», денг.
Аллоҳ таоло ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбарим, ўша мушрик кимсаларга айтинг: Ерда юриб, ўзларидан олдин ўтган мушрикларнинг оқибати нима билан тугаганини кўришсин, ота-боболарининг аянчли қисматларидан ибрат олишсин. Аллоҳга ширк келтиришнинг нақадар оғир гуноҳ эканини англаб етишсин. Дарҳақиқат, одамизод дунё кезиб, ўтмишдан қолган осори-атиқалар, қаср ва биноларнинг харобаларини кўрса, уларнинг тарихини ўрганса, мушрикликнинг оқибати нақадар ёмон бўлганига ишонч ҳосил қилади. Аллоҳ Қуръони каримнинг кўплаб оятларида инсонларни Ер юзида кезишга, ўтган қавмлар яшаган жойлардан қолган харобаларни кўришга ва улардан ибратланишга бежизга чақирмайди. Бандаларининг бу манзаралардан ибратланиб, ўша мушрик ҳолида ўтганлар учраган ёмон оқибатга дучор бўлмаслик учун уларнинг хатосини такрорламасликларини истайди.
43. Аллоҳ томонидан қайтарилмайдиган Кун келмай туриб тўғри динга юзланинг. Ўша Кунда бўлиниб кетишади.
Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига хитоб қилиб айтяяптики, эй Пайғамбарим, Аллоҳ томонидан қайтарилмайдиган, эртаси бўлмайдиган Кун - Қиёмат қойим бўлмай туриб, ҳақ дин, охиратгача боқий қолувчи дин бўлмиш Исломга юзланинг. Ким ушбу динда бўлса, охиратда нажот топади ва абадий саодатга эришади. Ким бу диндан юз ўгирса, охиратда расво бўлиб, икки дунё саодатидан мосуво қолади. Инсонлар қиёмат куни ана шу сифатларига кўра турли гуруҳларга бўлиниб кетишади. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анхудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ мени илм ва ҳидоятдан иборат нарса билан юборганининг мисоли бир ерга ёққан ёмғирнинг мисоли кабидир. Аллоҳ сув билан одамларга манфаат беради. Улар ундан ичишади, суғоришади ва экин экишади. Баъзи жойдаги унумдор тоза ер сувни яхши қабул қилади ва ўт-ўланларни яхши ўстириб, экин кўп битади. Баъзи жойдаги ер қаттиқ чиқиб, сувни тутиб қолади, экин унча бўлмайди. Ернинг баъзи жойлари силлиқ бўлганидан сувни ҳам тутмайди ва экинни ҳам ўстирмайди. Мана шу ҳолат худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган киши мисолига ўхшайди. Аллоҳ мен орқали юборган нарса унга манфаат беради. Ўзи ҳам ўрганади, бошқаларга ҳам ўргатади. Бошқа баъзилари ўша нарсага эътибор бермаган кишига ўхшайди. Яна бири эса, мен орқали юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган одамга ўхшайди» (Бухорий ва Муслим ривояти).
44. Ким куфр келтирса, унинг куфри ўзига. Ким солиҳ амал қилган бўлса, ўзлари учун жой тайёрлашади.
Аллоҳ бандаларини ихтиёридан, тоқатидан ташқари нарсалар учун азобламайди. Бундай амаллари учун ҳисоб-китоб ҳам қилмайди. Аллоҳ бандани фақат куфр келтиргани ёки солиҳ амал қилгани борасида ҳисобга тортади. Ким Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиб, уларга куфр келтирган бўлса, қиёматда бунинг жазосини ўзи тортади. Ким дунё ҳаётида имон ва солиҳ амаллар билан ўтган бўлса, бундайлар ўзларига жаннатдан жой тайёрлаб олишади. Аллоҳнинг адолати айнан мана шу ерда, зеро, Аллоҳнинг илми мажбурловчи эмас, балки кашф қилувчи илмдир. Банда бола-чақаси, ҳаётлик чоғида тўплаган бутун мол-дунёси фойда бермайдиган кунда мана шу асосда жавоб беради. Яъни ҳар ким ўзи учун амал қилади ва бунинг ҳисобини беради. Мўмин бўлиб, яхши амалларни қилганлар охират мукофотига замин тайёрлайдилар.
45. Бу Унинг имон келтирган ва солиҳ амал қилганларни Ўз фазли билан мукофотлаши учундир. У кофирларни ёқтирмайди.
Ўзидаги ихтиёр ҳиссиётини фақатгина нодонлар тан олмайди. Мана шу қоидага кўра, гуноҳларга зўрланган киши жазога тортилмайди. Зўрланиш эса инсон ихтиёрини йўқотиш, демакдир. Агар сени бошқалар бир ишга мажбурласаю, аммо сен уни хоҳламасанг бу ишнинг гуноҳи сендан кўтарилган бўлиб, Аллоҳ бунинг учун азобламайди. Аслида бу Илоҳий раҳматнинг ўзгинасидир. Аллоҳ таолонинг бу раҳмати Узига имон келтирган ва солиҳ амал қилганларни қиёматда Ўз фазли билан мукофотлаши, уларга жаннат боғларини раво кўргани учундир. Ваҳоланки, банда ҳар қанча яхши амалларни қилса ҳам Аллоҳнинг шукрини жойига келтира олмайди ва жаннатга ҳақдор бўла билмайди. Унга бу мақомни Аллоҳ таоло Ўз фазли-марҳамати билан ато қилади. Аллоҳ нозил қилган кўрсатмаларни фақатгина мўмин киши мустаҳкам ушлайди. Мўмин Аллоҳни Робб, Исломни дин, Қуръонни раҳнамо, Муҳаммад алайҳиссаломни эса ҳақ Пайғамбар деб имон келтиради. Мўмин айни чоқда буюрувчи Аллоҳга ҳам, буюрилган ишга ҳам қатъиян ишонади. Натижада у амр қилинган ишга ихлос ва самимият, бор вужуди билан киришади. Чунки унинг ақидасида “Аллоҳ албатта бекорга бирор-бир нарсани қилишга буюриб, бошқасидан қайтармайди” деган ишонч бўлади. Банда Аллоҳ буюрган нарсага жиддий киришса, Аллоҳ ҳам унга ўз ёрдамини кўрсатади, ҳар кандай қийинчиликдан нажот бериб, ҳар қандай тангликдан кенгликка чиқаради. Бу ишларда “дунё ва охират иши” деган чегара йўқ. Мўминнинг сабабларни ушлаши ҳам тақво кўринишларидан биридир. Дунё Аллоҳ наздида пашша қанотичалик вазнга эга бўлса эди, кофирга ундан бир чимдим ҳам берилмас эди. Аллоҳ ҳузурида мақсадсиз дунё эътиборсиз бўлгани учун ҳам у мўмин ёки кофир дейилмасдан ато қилинаверади. Аммо дунё ва охират учун бирдек манфаатли бўлган шаръий таклифларни эса фақат мўминга беради. Мўминга шаръан буюрилган нарсаларга - балоларга сабр, мусибатларга табассум, нохушликларга розилик ҳам киради. Мўмин булар билан гуноҳларидан фориғ бўлиб, Буюк Аллоҳ ҳузурида олий мақомларга эришади.
46. Сизларга Ўз раҳматидан тоттириш учун, Ўз амри билан кемаларнинг сузиши учун ва Унинг фазлидан исташингиз учун шамолларни хушхабарчи қилиб юбориши Унинг белгиларидандир. Шояд, шукр қилсанглар.
Яъни, Аллоҳ таоло бир жойга Ўз раҳматининг белгиси бўлган ёмғир ёғдириш учун аввал у ерга латиф ҳаволарни, ўркач-ўркач булутларини юборадики, токи бу одамларга Аллоҳнинг раҳмати келаётганидан хушхабар берсин! Ана шу сувдан инсонларнинг ўзлари ва чорвалари баҳраманд бўлади, деҳқончиликлари, зироатлари мўл-кўл ҳосил беради, мевалари пишиб-етилади. Энг асосийси, улар Аллоҳнинг хушхабар етказувчи элчилари бўлмиш шамоллар ёрдамида кемаларни юрғизишади. Сув тўла денгиз ва уммонлардаги кемаларда дунёни эсон-омон кезиб, Унинг фазлини, яъни ризқ-рўзини излашади. Савдогарчилик қилиб, оила ва яқинларининг нафақасини топишади. Демак, Аллоҳ таолонинг раҳматидан ҳамма фойдаланади, ризқ кўпаяди, юртга барака-қулайликлар келади, одамларнинг ҳаёти фаровонлашади. Энди бир тасаввур қилиб кўринг: Аллоҳ шамолларини юбормаса, булутлар сузиб, осмондан ёғин ёғармиди? Ўша шамоллар бўлмаса, оғир кемалар денгизда бехатар юра олармиди? Денгизда сув бўлмаса, одамлар бошқа юртларга бориб, савдогарчилик қила олармиди? Денгиздаги балиқларни тутиб, ризқини излай олармиди? Ўтмишда денгиз сафарига чиқадиган тожирларнинг ҳафталаб, ойлаб шамол келишини кутганларини ўқиган одам бу неъматларнинг қадрини яхшироқ англаган бўларди. Оқил инсон мана шундай катта қулайликларни яратиб қўйган Аллоҳнинг қудратига тан бериб, Унга имон келтириши ва ибодат қилиши керак эди. Унинг беҳисоб неъматлари шукрини қилиб, У Зотга ҳамду санолар йўллаши лозим эди. Аммо одамлар буни тушунишни исташмади, неъматлар шукрини қилишмади. Аввалда ҳам, ҳозирда ҳам Парвардигорларнинг бу лутфу марҳаматига жавобан У Зотни таниб, итоатида туришлари керак эди. Аммо, минг таассуфки, одамларнинг аксарияти бундай қилмади, Аллоҳга имон келтирмай, икки дунё саодатини бой берди.
47. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан олдин ҳам пайғамбарларни қавмларига юборганмиз. Шунда уларга аниқ ҳужжатлар келтиришган. Сўнг Биз жиноятчилардан интиқом олганмиз ва мўминларга ёрдам бериш зиммамиздаги ҳақ эди. Муфассирлардан Ибн Касирнинг ёзишича, ушбу ояти карима Макка мушрикларининг асосий кўпчилиги Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиб, уларга эргашишни истамаганида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотга эргашган мўмин-мусулмонларга улкан тасалли сифатида нозил қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтяптики, эй Пайғамбарим, сиз ва сизга эргашганлар имонлари, дину диёнат туфайли мушрик ва кофирлардан кўраётган озор, азоб-уқубат ва тазйиқлардан ғамга тушманглар, кофир ва мушрик кимсаларнинг сизларга кўрсатаётган зулм ва хўрликларидан хафа ҳам бўлманглар. Сизлар тушган бу ҳолат, сизларга қилинаётган зулм ва кўргиликлар илоҳий ҳикматларга боғлиқ бўлиб, Аллоҳтомонидан қадимдан жорий қилинган суннат ва одатдир. Бугунги кунда сизларга Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборганимиз каби олдинлари ҳам қанчалаб расул ва набийларни рисолат билан юборганмиз. Ўша ўтган пайғамбарлар ҳам қавмларига очиқ-ойдин ваҳийларимизни, огоҳлантиришларимизни, далил-ҳужжатларни етказишган. Шунда қавмларидан баъзилари имон келтиришган, кўплари куфрга кетиб, гуноҳга ботишган. Уларнинг гуноҳ ва итоатсизлик қилганларидан интиқом олганмиз, қилмишлари сабабидан азоб-уқубатга учратиб, батамомо ҳалок қилганмиз. Худди шу каби ҳозирда илоҳий ваҳийларга куфр келтириб, жиноят қилиб турганлардан ҳам вақти-соати келиб, қаттиқ интиқом оламиз.
48. Аллоҳ шундай Зотки, шамолларни юбориб, улар булутларни ҳайдайди. Уларни осмонда Ўзи хоҳлаганича ёяди ва бўлак-бўлак қилади, шунда унинг орасидан ёғин чиқаётганини кўрасиз. Қачон уни бандаларидан хоҳлаганларига етказса, улар дарҳол хурсанд бўлишади.
Осмондан қор-ёмғирнинг ёғиши ва бу билан ер тамоман яшнаб, бутунлай бошқача кўриниш олиши ҳар бир оқил инсонга яхши маълум. Қақраб ётган ерларига мўл ёғин ёққанида ҳосилининг баракали бўлишидан умид қилган деҳқон ва боғбонларнинг қанчалар қувонишини ҳаммамиз кўрганмиз. Сув бўлса, ўт-ўлан кўпайиб, ҳайвонларнинг яхши семиришини чорвадорлар ҳам англаб етишган. Шамолини юбориб, унинг воситасида булутларни самонинг турли бурчакларида ёйиб, тақсимлаб Ўзи истаган жойларга юбориш ва ёғин ёғдириш фақат Аллоҳ таолонинг ишидир. Буни Ундан ўзга ҳеч бир зот амалга ошира олмайди. Агар Аллоҳ хоҳласа, бир жойга ойлаб ёғин ёғдирмаслиги, бошқа бир жойни эса, умуман сувга ботириб юбориши мумкин. Бу ишларнинг миқдорини Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот ўзгартиришга - кўпайтириш ёки озайтиришга қодир эмас.
Оят охирида “Қачон уни бандаларидан хоҳлаганларига етказса, улар дарҳол хурсанд бўлишади” дейилмоқда. Бу оятнинг бутун мазмун-моҳиятини ҳар йили қурғоқчиликка учраб, ёғин энг орзиқиб кутиладиган меҳмон сифатида қараладиган минтақаларнинг аҳолиси жуда яхши ҳис этади. Қачон ёғин келаркин, деб ҳар куни осмонга тикиладиган, ёмғир ёға бошласа хурсандчилигидан ўйин-кулги қилиб юборадиган халқлар ушбу оятдаги ҳолатни қалбан англашади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида одамларга қурғоқчилик етди. Набий соллаллоху алайҳи васаллам жума куни хутба қилиб турганларида бир аъробий туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мол-ҳол ҳалок бўлди, оилалар оч қолди, биз учун Аллоҳга дуо қилинг!» деди. Шунда у зот қўлларини кўтардилар. Осмонда бир парча ҳам булут кўрмаётган эдик. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, қўлларини туширмаслариданоқ, тоғдек булутлар қўзғалди. Кейин у зот минбарларидан тушмай туриб, ёмғир соқолларидан томаётганини кўрдим. Ўша куни ҳам, эртасига ҳам, индинига ҳам, ундан кейинги куни ҳам то кейинги жумагача ёмғир ёғди. Ҳалиги аъробий - ёки бошқаси - туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бинолар вайрон бўлди, мол-ҳол ғарқ бўлди. Биз учун Аллоҳга дуо қилинг!» деди. Шунда у зот қўлларини кўтардилар-да: «Аллоҳим! Атрофимизга, устимизга эмас», дедилар. Булутлардан қайси тарафдагисига қўллари ила ишора қилсалар, тарқалиб кетар эди. Мадина худди юмалоқ чуқурдек бўлиб қолди. Водийда, яъни Қанотда бир ой сел оқди. Теварак-атрофдан келган киши борки, жалани гапирар эди» (Бухорий ривояти).
49. Ҳолбуки, устларига ёғдирилишидан мутлақо умид қилишмас эди.
Юқоридаги икки оятда Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи табиатдаги улкан мўъжиза, яъни Аллоҳтаоло ёмғирни қандай ёғдиришининг васфи батафсил баён қилинмоқда. Қуръони каримнинг кўплаб ўринларида булутларни ҳайдаш орқали ёмғир ёғдирилиши ҳақида бежизга фикр юритилмаган. Аллоҳ осмондан ёғини ёғдиришининг тафсилотлари баёни келган ушбу оятлар илк нозил қилинган пайтларда илм-фан бугунгидай тараққий этмаган, инсонлар қор-ёмғирнинг қандай пайдо бўлиши илмидан бехабар эдилар. Инсоният ёмғир ёғдириш уёқда турсин, ҳали унинг қандай қилиб ёғиши ҳақида илмга эга бўлмаган бир пайтда Аллоҳнинг бундан хабар бериши аввало, Аллоҳ таолонинг чексиз қудратининг васфи бўлса, шу билан бирга Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканига ҳам бир далилдир. Чунки бу оятларда сифатланган жараёнларни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким қила олмаган, қила олмаяпти ва қила олмайди ҳам. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, чексиз қудратга ва комил сифатларга эга эканига ёрқин далилдир. Бунинг устига Аллоҳ таолонинг бундан ўн беш аср илгари ўқиш-ёзишни ўрганмаган, табиий илмларни ўрганмаган Пайғамбари орқали буларнинг аниқ илмий васфини эълон қилгани ҳам борлиқда содир бўладиган барча жараёнларнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи эканига хужжатли далилдир.
Бу оятдаги таърифга ҳозирги замоннинг мазкур соҳа билимдонлари ҳам тан бериб, лол қолмоқдалар. Қуръони карим илоҳий мўъжиза бўлмаса, бу таъриф қаердан келар эди? Шамолларни Аллоҳ юбормаса, ким юборар эди? Аллоҳ Ўзи юборган шамоллар билан булутларни ҳаракатга келтирмаса, ким қўзғатар эди? Булутларни ким ва қандай пайдо қила олар эди? Баъзи булутларни қалин, айримларини юпқа қилиб ёйган ким? Ёки парча-парча қилиб, бўлиб ташлаган ким? Албатта, бу ишларнинг бари яратишда ягона, ҳамма нарсага қодир буюк Аллоҳ таоло томонидан амалга оширилган, Ундан бошқа ҳеч бир зотнинг қўлидан келмайди.
50. Парвардигорингиз раҳматининг изларини: ерни ўлганидан кейин қандай тирилтиришини кўринг. У ўликларни тирилтирувчидир, У ҳамма нарсага қодирдир.
Яъни, эй Пайғамбарим, Парвардигорингизнинг раҳмати бўлмиш ёмғирга ва унинг заминдаги изларини, қақраб, ҳаёт асари кўринмай турган ўлик ерларга ёғин ёғдирган Аллоҳнинг уни турли ўсимлик, ўт-ўланлар билан жонлантириб-тирилтириб юборганини кўринг. Ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси Аллоҳўлик ерларни тирилтиргани каби қиёмат куни ўлган инсонларни ҳам шундай тирилтиради. Қақраб ётган ерларни тирилтира олган Аллоҳ таолога вафот этган инсонларни қайта тирилтириш ҳам ҳеч бир қийинчилик туғдирмайди. Чунки Аллоҳ азза ва жалла ҳамма нарсага қодир Зот, Унинг қудрати олдида барча махлуқоти таъзимда бўлиши ва Унга имон келтириши лозим.
51. Агар Биз бир шамол юбориб, (экинни) сарғайган ҳолда кўришса, пгундан кейин ношукрлик қилишга ўтишади.
Инсонлар ҳамиша ношукрдирлар. Аллоҳ таоло осмондан мўл-кўл ёғин ёғдириб, ҳаммаёқни яшнатганида, экин ва дарахтлардаги ҳосилга барака бериб қўйганида ҳам улар шукр қилишмайди. Шундан кейин У иссиқ шамол ёки қурғоқчилик юбориб, экинларини қуритиб, сарғайтириб қўйганида ҳам ношукрликларини очиқ кўр-сатишади. Аллоҳнинг неъматларига шукр қилмаганлар эса Парвардигорларини камдан-кам эслашади, Унга куфр келтиришади, ваҳийларини ёлғонга чиқаришади. Яъни Аллоҳ таоло раҳмат ўлароқ юборган ёмғир сабабидан экинлари ўсиб, гуллаб-яшнаб турган пайтда Аллоҳ яна бошқа бир иссиқ шамол юбориб, экинларини сарғайтириб қўйса, Аллоҳга ва Унинг қадарига ишонмайдиган кишилар ноумидликдан аччиқлари чиқиб, куфрони неъмат қиладилар. Чунки улар ҳамма нарса Аллоҳнинг тадбири ва хоҳиш-иродаси билан бўлишини англаб етмайдилар. Бундай кишиларга борлиқдаги бу жараёнларнинг илоҳий ҳикматини тушунтириб-англатиб ҳам бўлмайди.
52. (Эй Муҳаммад), сиз “ўлик”ларга эшиттира олмайсиз ва ортларига ўгирилиб кетаётган “кар”ларга ҳам даъватни уқтира олмайсиз.
Аллоҳ залолатга учрашларини истаган кимсаларнинг ўзлари аввало ҳақиқат душмани, залолат гумашталари бўлиб, ўзларидаги имон ва Исломга эриштирувчи барча йўлларни беркитиб ташлаган бўлишади. Мазкур кимсалар ўзларидаги ҳақиқатга элтувчи жамики эшикларни шундай қаттиқ ёпишганки, энди уни на бир пайғамбар, ва на муборак самовий китоб оча олади. Бундай кимсалар худди оятда зикр этилганидек, “кар, соқов, кўр”дирлар. Энди «Модомики, Аллоҳнинг ўзи мени аввалдан бадбахт деб белгилаб қўйган бўлса, у ҳолда амалимга не ҳожат? Нима учун яна мени азоблаши лозим?» маъносидаги саволга савол билан жавоб берамиз: “Хўш, савол берувчи Аллоҳ таоло уни азалдан бадбахт қилиб белгилаганини ва ўзининг кофир ҳолда дунёдан кетишини каердан билди?! Нима, у Лавхул-Маҳфузни ўқиб чиқдими?! Ёки бирортаси унга бу ҳақда хабар келтирдими?!” Уларнинг барча фожиаси Аллоҳнинг ваҳийларини тан олмасликучун юзлаб баҳоналарни топиш, ҳақиқатдан кўз юмиш, қалб басиратидан маҳрумлик, холос.
53. Яна сиз “кўр”ларни залолатларидан ҳидоятга солувчи эмассиз. Сиз фақат Бизнинг оятларимизга имон келтирадиганларгагина уқтира оласиз, ана ўшалар мусулмонлардир.
Ҳидоят ва залолат масаласида Аллоҳнинг хоҳиши мустақил бўлиб, У бунда ҳеч кимга бўйсунмайди. Шунингдек, У ўз фаолияти хусусида ҳеч кимга ҳисобот ҳам бермайди. Аллоҳ хоҳлаган ишини қилади, аммо буни одиллик билан қилади. Чунки У адолатли зотдир. Аллоҳтаоло ҳидоятга муносиб зотнинг асло залолат ботқоғига ботишига йўл қўймайди. Худди шу каби залолатга лойиқ кимсага ҳаргиз ҳидоят қилмайди. Аллоҳтаоло банда нимани танлашию нимани қилишигача, барчасини бирдек билади. Лавҳул-Маҳфуздаги нарсаларни ўша илми асосида битган. Унинг илмидан ташқарида қолган бирор нарса йўқ. Барчамизга маълумки, Аллоҳнинг илми асло ўзгармас, асло ўзгартирилмас. Аллоҳнинг илми ўтмиш, ҳозир ва келажакка нисбатан қудрат сифатидек таъсир ўтказувчи, мажбурловчи эмас, балки кашф қилувчи маъносида бўлади. Аллоҳ бандани азоблайди, чунки у куфрга ўз ихтиёри билан юз бурди, унда давомий ўлим келгунча собит қолди. Шунингучун ҳам жаҳаннамда давомли қолишга мустаҳиқ бўлди. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, сиз маънавий кўр кимсаларни жаҳолатларидан ҳидоят йўлига қайтара олмайсиз, гапларингизни Қуръони карим оятларига имон келтирувчи мўмин бандаларгагина етказа оласиз, деб таъкидламоқда.
54. Аллоҳ шундай Зотдирки, сизларни заиф нарсадан яратди, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилди, сўнгра қувватдан кейин яна сизларга заифлик ва қарилик беради. У хоҳлаганини яратади, У билувчидир, қодирдир.
Эй инсон, сен нимангга мағрурланиб, нега кибрга борасанки, Аллоҳ таоло сени энг заиф нарсадан, энг ночор ҳолатда яратган бўлса! Парвардигорингнинг амр-фармонларини инкор қилиш, Унга итоатсизлик кўрсатиш ўрнига ўзининг қай ҳолатда яратилганинг ҳақида озгина фикр юритмайсанми? Ахир, ҳамма томонинг фақат заифликдан иборат-ку! Аслида инсоннинг дунёга келишига сабаб бўлувчи эркаклик уруғи «нутфа» деб аталмиш бир томчи жирканч ва заиф сувдир. Қуръони каримнинг ўндан ортиқ жойида одам боласи нутфадан, яъни бир лаҳзада ажраб чиқадиган ҳақир суюқликдан яратилганини эслатиб ўтади. Бу Куръоннинг бир неча ўринларида келтирилган, масалан, Ҳаж ва Муминун сураларида эслаб ўтилган. Яқинда илмга маълум бўлишича, аёлнинг тухум ҳужайрасини урчитиш учун эркакнинг уч миллион дона уруғ ҳужайраси - сперматозоиддан биттасигина етарли экан. Бошқача айтганда, чиқарилган сперматозоидларнинг 0,00003 фоизигинаурчитишучун етарли экан. Ҳамма нарсага қодир АллоҳЎз инояти билан ўша заиф сувдан ҳоми-ла пайдо қилади. Ҳомила ҳам жуда заиф бўлади. Ҳеч нарсага қодир эмас. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, бачадонда туриши, вақти-соати келиб, ундан эсон-омон чиқиши ҳам мумкин эмас. Туғилган чоғида ҳам инсон боласи жуда заиф ҳолатда бўлади. Узоқ йиллар давомида ўзи мустақил равишда бирор иш қила олмайди. Шундай заиф одамни Аллоҳ кейин қувватли қилади, воясига етган йигит тоғни уриб, талқон қила оладиган куч-қувватга эга бўлади. Бу куч-қувватни унга Аллоҳда ўзга ҳеч бир зот бера олмайди. Инсоннинг ёши улғайгани сари унинг куч-қуввати ҳам кета бошлайди, бир пайтлар ҳамма нарсани уддалай олган одамнинг энди кўп нарсага кучи етмай қолади. Унинг белидан қувватни, танасидан бардамликни, кўзидан нурни ҳам олиб қўювчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир. У шунчалик билувчи ва қудратлики, хоҳлаган нарсасини яратади, хоҳлаганининг куч-қувватини олиб қўяди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу халифалик қилаётган вақтида катта жамоат ичида бир масалани ечиб берди. Шунда бир араб киши ўз халқининг одатига кўра ҳазрати Алини мақтай бошлади, наслу насабларини ифтихор билан тилга олди. Шунда Алий розияллоху анҳу ўша одамни мақтовдан тўхтатиб: “Сен менинг аввалимни ва охиримни биласанми?” деб сўради. Бояги одам жавоб беролмай қийналиб қолди. Шунда Алинингўзи жавоб берди: “Менинг аввалим - бадан ёки бошқа бирор жойга тегса макруҳ қиладиган нутфа, яъни оби манийман. Охирим эса, сассиқ, чирик, курт-қумурсқа еб битирадиган жийфа, яъни ўлимтикдир. Бунинг орасида эса бу жасад ахлат ташувчи ҳаммолдир. Мана, менинг бор ҳақиқатим, сен эса нималар деб мақтаяпсан?”
55. Қиёмат қойим бўладиган кунда гуноҳкорлар бир соатдан ортиқ турмаганлари ҳақида қасам ичишади. Улар ана шундай йўлдан озиб кетишади.
Қиёмат куни одамлардан дунёда неча йил яшашса-да ёки қабрларида неча йиллар қолиб кетишса-да, маконларида қанча туришгани ҳақида сўралганида улар “Бир соатдан ортиқ турмадик”, деб жавоб қилишар экан. Қиёмат қойим бўлиб, ҳамма маҳшаргоҳга тўпланганида гуноҳкор кимсалар ёруғ дунёда бир соатдан ортиқ турмаганлари ҳақида қасам ичишади. Бу билан улар агар кўпроқ туришганида имон келтиришимиз учун вақт топган бўлардик, демоқчи бўлишади. Ваҳоланки, улар дунёда ҳам ҳамма нарсани пайсалга солиб, имонга келмай илоҳий ваҳийлардан юз ўгириб ўтишган, субутсизлик қилиб бир зумда ростдан ёлғонга, ҳақдан ботилга ўгирилиб кетишган. Улар ўша одатларини охиратда ҳам қилишга уринишмоқда, аммо энди уларнинг бу найранглари ўтмайди, имонсизликлари учун жазога тортилишади.
56. Илм ва имон берилганлар: «Аниқки, Аллоҳ Ўз Китобида ёзиб қўйганидек, қайта тирилиш кунигача турдинглар. Бугун қайта тирилиш кунидир, лекин сизлар билмас эдинглар», дейишади.
Аллоҳ таоло томонидан илм берилган пайғамбарлар, фаришталар ва мўмин инсонлар куфр келтирган кимсаларга “Мана, Аллоҳ таоло Ўз Китобида, яъни Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйганидек, қайта тирилиш кунида турибсизлар. Бугун қайта тирилиш кунидир, лекин сизлар билмадинглар, билишни ҳам истамадинглар. Мана энди ана шу итоатсизликларингнинг жазосини оладиган кун келди”, дейишади. Ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишониш имоннинг яна бир шартидир. Аллоҳ таолонинг амри билан Исрофил алайҳиссалом иккинчи сур тортганидан сўнг барча жонзотлар, жумладан инсонлар тирилади. Уларнинг асл жасадларига руҳлари қайтарилади ва улар қабрларидан чиқиб Маҳшаргоҳга тўпланишади ҳамда ҳисобга тортилишади. Ўлишдан кейин тирилишнинг муҳим ҳикмати бор. Модомики, дунёга келган эканмиз, бу ерда бир қанча исломий, инсоний вазифаларимизни ўташимиз, Аллоҳнинг буюрганларини бажаришимиз керак бўлади. Бунга осийлик қилганлар эса Аллоҳнинг ғазаби ва жазосига дучор бўлишади. Охиратдаги бахтли-саодатли ва осойишта ҳаёт бу дунёдаги қилган амалларимизга, савобли, хайрли ишларимизга боғлиқ. Қуръони каримда: «Биз сизларни ердан яратдик, унга крйтарамиз ва сизларни яна бир бор ундан чикррамиз» (Тоҳа, 55), дейилган. Буни инкор крлиш Куръонни инкор этишдир, бу эса куфри мужибдир. Ўлимдан сўнг қайта тирилишга ишониш имон шартларидан бўлгани учун мўминнинг ақли билан кофирнинг ақли шу нуқтада фарқланади.
57. Ана ўша Кунда зулм қилганларга узрлари фойда бермайди ҳамда улардан тавба-тазарру ҳам талаб қилинмайди.
Қиёмат куни барча инсонлар тирилиб, ҳисоб-китоб учун Аллоҳ таолога рўбарў бўлган кунларида куфр эгалари Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончига чиқариб, уларнинг даъватларини инкор қилишгани учун Парвардигорларидан узр сўрашни бошлаб юборишади. Аммо энди бўлар иш бўлган, илоҳий ҳукм кучга кирган, амал дафтарларининг сиёҳи қуриган. Энди ҳеч қандай баҳона-сабаблар инобатга олинмайди, узр айтганлари билан кофирларнинг узрлари асло фойда бермайди. «Қилган гуноҳларимиз учун биз ғазабга олинсак-да, сўнгра ёруғ дунёга қайтсак, Аллоҳ рози бўладиган ишларни қилар эдик» деб қанча ёлборишмасин, бунинг асло иложи бўлмайди, улар ортларига қайтарилмайди. Чунки қиёмат қойим бўлиши билан тавба эшиклари беркитилган, дунёга қайтиб, бошқатдан амал қилишнинг мутлақо иложи қолмаган бўлади. Чунки қиёмат осийларга таъзир ёки танбеҳ бериш куни эмас, жазо ва таъқиб қилиш кунидир. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзахни зикр қилдилар ва ундан паноҳ сўрадилар. Сўнг юзларини уч марта орқага бурдилар ва: «Дўзахдан бир дона хурмонинг ярми билан бўлса ҳам сақланинглар. Уни ҳам топмасангиз, ширин сўз билан», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
58. Дарҳақиқат, Биз ушбу Куръонда одамлар учун турли ми-солларни келтирдик. (Эй Муҳаммад), агар уларга мўъжиза келтирсангиз ҳам куфр келтирганлар: «Сизлар фақат ёлғонлайсизлар», дейишади.
Яъни, Аллоҳ таоло кофирларни ҳидоятга бошлаш учун Ўз Пайғамбарига Қуръони каримни нозил қилиб, унда инсонларни имон сари йўллаш учун турли мисолларни энг яхши услубда баён қилиб берди. Ушбу ояти каримада Аллоҳ азза ва жалла маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб этиб, кофирларнинг ҳолини, уларнинг Қуръонга, пайғамбарликка муносабатларини баён қилиб бермоқда. Аллоҳ таоло айтяптики, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисолларни келтирдик, аммо улар атрофларидаги мўъжизаларни, ибрат ва далилларни кўриб ҳам имонга келишмади. Кофирлар бу мисоллардан имон, тоат, итоат, ибодат ва бошқа масалаларни тушуниб олишлари осон эди. Аммо улар бу Китобнинг оятларига ҳам, мисолларига ҳам, ҳатто сизга ҳам ишонишмади, ўзларининг ҳақликларини исботлаш учун Аллоҳнинг Пайғамбарини ёлғончига чиқаришдан ҳам уялишмади.
59. Аллоҳ билмайдиганларнинг дилларини ана шундай муҳрлаб қўяди.
Яъни, бир инсоннинг ўзи ҳақиқатни тушунмаса, тушуниш учун ҳаракат ҳам қилмаса, балки ўз ақлига суяниб, ҳар бир ҳақ сўзни инкор қилаверса, бундай одамнинг қалби шундай қорайиб кетадики, у ҳидоят нурини қабул қилмайдиган ҳолга келиб қолади. Энди унинг имонга келиши қийинлашади, бунга унинг лаёқати ҳам, кучи ҳам етмайдиган бўлиб қолади ва у шу тариқа икки дунё саодатини қўлдан бой беради. Бундайларга ҳақ динни, илоҳий даъватни етказишнинг бирор йўли қолмайди. Аллоҳ билимсиз, жоҳил кимсаларнинг дилларини ана шундай муҳрлаб қўяди.
60. (Эй Муҳаммад), сабр қилинг, Аллоҳнинг ваъдаси шубҳасиз ҳақдир. Ишонмайдиганлар сизни енгилтак санашмасин.
Яъни, эй Пайғамбарим, куфр ва ширк эгаларининг сизга етказаётган озор ва азиятларига, Парвардигорингизнинг рисолатини инсонларга етказиш йўлидаги қийинчилик-машаққатларга сабрли бўлинг. Сабр-матонат ва бардош мўминларнинг энг яхши сифати, уларнинг шаънини улуғловчи энг гўзал фазилатларидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бошларига бирор мусибат, бало ёки машаққат келганида фақат сабр қилишга буюради. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидам ва бардошга чақирилади, Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо биргалиги хабари берилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва мўмин-мусулмонларни дин-диёнат йўлидаги қийинчиликларга сабр-бардошга даъват қилиш билан йўғрилган бу сураи кариманинг охирги ояти ҳам уларни Аллоҳнинг динини ёйиш йўлида яна бир бор сабрга чақириш билан якунланади. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ бўлгани учун Унинг дини ҳам албатта қиёматгача боқий қолажак! Барча пайгамбарлар ўз умматларига ибрат бўлиш учун ҳар қандай синов-қийинчиликларга сабр этишгани тарихдан маълум. Мусибатларга сабр этиш Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳам улуғ сифатларидан эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ушбу ояти орқали у зотнинг умматлари бўлмиш сизу биз, мусулмонларга ҳам сабрни буюрган ва бунинг натижаси яхшилик билан тугаши хабарини берган.