loader

025. Фурқон (фарқловчи) сураси

Маккада нозил бўлган, 77 оятдан иборат

“Фурқон” сўзи луғатда «ажратувчи, фарқловчи» маъноларини билдиради, Қуръони каримнинг йигирма бешинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 77 оятдан иборат. Сура Фурқонни, яъни ҳақ билан ботилни, ҳидоят билан залолатни, тўғри билан нотўғрини ажратиб берувчи Китобни (Қуръони каримни) Муҳаммад алайҳис-саломга Аллоҳ таоло нозил қилганини таъкидлаш билан бошланади. Сурада «дўст»ларининг васвасасига учиб, ўз имон-эътиқоди, дину диёнатидан воз кечган кимсалар охиратда афсус-надомат ва ҳасратда қолишлари ҳақида огоҳлантирилади. Қуръони каримда Аллоҳ нозил қилган барча китоблар Фурқон аталса-да, бу сурага ном бўлган Фурқондан мурод Қуръондир.
Маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларининг илк даврида - Ислом даъватининг аввалида кофир ва мушрикларнинг қаттиқ тазйиқига учраганлар, кўплаб озор чекканлар, турли иғво-бўҳтонлар эшитганлар. У зотнинг ўзларига, у кишига нозил бўлаётган Қуръонга, Ислом динига, қолаверса, Аллоҳ таолога нисбатан ҳам беҳисоб камситувчи гаплар, ҳар хил масхараомуз таклифлар айтилган. Фурқон сурасининг бошидан-охиригача Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушриклар билан бўлаётган қарама-қаршиликларида у зотни қўллаш, у зотга тасалли бериш, қалбларини тинчлантириш каби жиҳатларга аҳамият берилади.
Сурада Аллоҳ таолонинг осмонлару Ердаги барча нарсаларнинг ягона эгаси экани, Унинг фарзанди ҳам, шериги ҳам йўқлиги, У ҳар бир нарсани ўлчов билан яратгани таъкидланади. Мушрикларнинг Қуръони каримга таъна тошлари отиб, унга нисбатан турли бўлмағур гаплар айтгани билдирилади ва ўша гаплардан мисоллар келтирилади. Аллоҳ таолонинг Қуръон ҳақида мушрикларнинг гап-сўзларини оят сифатида нозил қилишининг ўзи катта гап. Бу У Зотнинг ҳар бир нарсадан хабардор эканини билдириш билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ва у кишига эргашган оз сонли мусулмонлар учун катта маънавий мадад ҳамдир. Кейин мушрикларнинг пайғамбарлик ҳақидаги сафсаталари келтирилади. Улар «Пайғамбар инсонлардан эмас, фаришталардан ёки аслзода ва бадавлат кишилардан бўлиши керак» каби гапларни айтишар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу даъволарига ҳам раддиялар беради. Сўнгра қиёмат ва унинг манзаралари эслатилиб, кофир ва мушрикларнинг қалбларига қўрқув солинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эса тасалли берилади, олдинги ўтган барча пайғамбарлар ҳам у киши соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш одамлар бўлгани айтилади. Яна сурада қиёматнинг кўринишлари, унда бўладиган ҳодисалар баён қилинади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман

1. Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир.
Қуръони каримнинг номларидан бири Фурқон, яъни фарқловчидир, ажратувчидир. Чиндан ҳам Қуръони каримнинг нозил бўлиши орқали Ер юзида ҳақ ва ботил иккига ажради, улар ораси фарқланадиган бўлди. Бу билан Ер юзига ўз баракасини ёғдириб қўйган улуғ Зот жаҳолат зулматларида қолган инсониятни ғофиллик-дан уйғотиш, имон билан шарафлашни ирода қилди. Ана шу битмас-туганмас баракоти ва улуғлиги билан У дунёдаги инсонларга, барча оламларга бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни огоҳлантирувчи этиб юборди ва у зотга ҳақдан ботилни фарқловчи Фурқонни - Қуръони каримни нозил қилди.
Ислом келгунига қадар инсоният очиқ-ойдин адашувда эди. Инсонлар ақида, эътиқод, тасаввур ва ҳаётий тушунчаларда, турли алоқалар ва урф-одатларда, иқтисод, ахлоқ ва ижтимоий муносабатларда, хуллас, бошқа кўпгина соҳаларда очиқ-ойдин адашувда эдилар. Аллоҳ таоло инсонларга ўзларидан Муҳаммад алайҳиссаломни бир пайғамбар ўлароқ юбориб, инсониятни бу адашувдан, залолатдан қутқарди, тўғри йўлга солди. Қуръони каримда бундай дейилган: «Гарчи мушриклар хоҳлашмаса-да, Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳак, дин билан барча динларга ғолиб ҳилиш учун юборган Зотдир!» (Тавба, 33).
Инсонни соф табиат билан яратган, унга ҳис-туйғу ва ақл берган Аллоҳ таоло бандаларининг Ўзини танишлари ва Ўзига ибодат қилишларини ирода қилган, бунга муносиб ҳам эди. Бандаларига лутфу марҳамати, баракотининг намунаси қилиб турли пайғамбарларни юборди, китоблар нозил этди. Ана ўша пайғамбарлар ва китоблар силсиласининг сўнгги ҳалқаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга нозил қилинган Қуръони карим бўлди. Шунинг учун ҳам улар маълум вақт ва маълум мақом учун эмас, балки барча оламлар учун бўлди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам барча оламлар учун қиёматгача пайғамбар, Қуръони карим эса то қиёматгача илоҳий дастур бўлди. Уламолар ушбу оятдаги «бандасига» сўзига алоҳида эътибор беришган. Аллоҳ таоло Исро ва Меърожда, Аллоҳга муножот этиш пайтида, Китоб нозил қилишда ва ушбу оятда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни энг олий мақомларда бандалик сифати билан ёдга олган. Демак, инсоннинг энг олий мақоми Аллоҳга бандалик экан. Аллоҳга бандалик инсон учун энг улкан бахт, энг олий мақом ҳамда битмас-туганмас неъмат экан. Аксинча, Аллоҳга бандаликни ҳис этмаслик катта бахтсизлик бўлиб, инсонни ҳайвонлик даражасига тушириб қўяди. Ушбу ояти карима Маккада, Ислом даъватининг аввалида, оз сонли мусулмонлар имонлари ва жонларини қутқаришдан бошқани ўйламай турган, ғалаба ёки фатҳу футуҳларнинг дараги ҳам йўқ пайтда нозил бўлган. Лекин шу билан бирга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга огоҳлантирувчи эканларини ишонч билан, баралла эълон қилмоқда.

2. У осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Унгагина хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, подшоҳлигида шериги бўлмаган, ҳамма нарсани аниқ ўлчов билан яратган Зотдир.
Нақлий ва ақлий далиллар шуни кўрсатадики, Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсага муҳтож эмас. Яратган махлуқлари туфайли Унинг мулки заррача ҳам камайиб қолмайди. Аллоҳ таоло осмонлару Ер ва улар орасидаги барча мулкларнинг Ўзига тегишли эканини, Ўзининг уларга эҳтиёжи йўқлигини кўп марта баён қилган. У хоҳлаганини яратади, истаганини йўқ қилади. Аллоҳнинг ушбу коинотдаги махлуқотни йўқ қилиб, бошқа бир борлиқни яратишга қудрати етади. Ҳамма нарсани яратишга қодир Зотнинг бирор нарсага эҳтиёжи йўқдир. Аллоҳ таоло осмонлар ва Ердаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бўлиши билан бирга уларнинг ҳукмронлиги, эгалиги ҳам фақат Аллоҳга хосдир. Уларда нимани хоҳласа, шуни қилади. У айрим мушрик кимсалар иддао қилаётганидай, Ўзига на қиз, на ўғил фарзанд тутмаган, яъни Унинг ҳеч бир фарзанди йўқ. Бу ҳам комиллик, эҳтиёжсизлик сифатидир, чунки фарзандга муҳтожлик, унинг ёрдамидан ёки номини ўчирмай, наслини давом эттиришидан умидворлик ожиз бандаларга хос иш. Аллоҳ таоло эса Ўз Зоти билан боқийдир, Унинг ҳеч нарсага ҳожати йўқдир. Унинг подшоҳлигида ҳеч бир нарса Унга шериклик қила олмайди, чунки У яратишда ҳам, ҳукмронлиқда ҳам ягонадир.
Аллоҳнинг ҳамма нарсани аниқ ўлчов билан ўлчаб яратгани ҳам банданинг чуқур тафаккур қилиши билан ойдинлашади. Дунёдаги ҳамма нарса, борлиқдаги барча мавжудотлар аниқўлчов билан яратилган. Ҳатто яхшилик ва ёмонликнинг ҳам ўлчови бор. Ҳар нарса бир қадар (ўлчов, чегара, муддат) билан яратилган, ҳар бир яратилган нарсанинг бир қадари бор. Аллоҳ Ўз яратганларини улар ошиб ўтолмайдиган бир замон ва макон ўлчови билан яратган. Олимларнинг ҳисобича, Еримизни ўраб турган атмосфера қатламининг 78 фоизини азот, 21 фоизини кислород ва бир фоизини нафас олишимиз учун зарур бўлган бошқа элементлар ташкил этади. Аллоҳ таолонинг ҳакимлигини, Унинг ўлчовини қарангки, ана шу мутаносиблик салгина бузилса, ерда ҳалокат бошланиб, тирик жон борки қурбон бўлиб кетади. Чунки ҳавода кислород кўпайса, ер юзидаги ҳамма нарса осонгина ёниб кетади, аксинча бўлса, олов деган нарса мутлақо бўлмайди. Маълумки, инсон ва бошқа кўпгина жонзотлар ҳаводаги кислородни ютиб, карбонат ангидрид гази чиқаради. Хўш, миллиардлаб инсонлар, бошқа махлуқотлар ҳар куни, ҳар сонияда нафас олиб-чиқараверса, кислороднинг ўрнини ким тўлдириб, карбонат ангидридни ким йўқотиб туради? Аллоҳ таоло бунинг ҳам ҳисобини чиқариб, йўлини топиб қўйган. Етти-саккиз ёшли бир дарахт бир кунда икки кишининг нафас олишига етадиган кислородни ишлаб чиқариб, шунча зарарли газни ўзига ютар экан. Олимлар ҳисобича, ер юзидаги ўсимликлар ўзидан йилига 400 миллиард тонна кислород чиқаради. Инсон яшаётган Ернинг борлиқдаги ўрни мўътадилдир. У Қуёшдан 93 миллион мил йироқда туриб, бир кеча-кундузда бир марта айланиб чиқади. Қуёш атрофида йиллик айланиши 365,025 кунга тўғри келди. Ернинг айланиш тезлиги эса соатига минг мил (1500 километр)дир. Ернингҳажми ҳозирги ҳолатидан катта ёки кичикроқ бўлса, заминдаги ҳаёт бутунлай ўзгариб, издан чиқиб кетарди. Чунки Ернинг катталиги айланиш ва ҳаракат тезлиги билан мутаносибдир. Борди-ю унинг тезлиги минг милдан кам бўлса, куннинг узунлиги 120 соатга етиб, барча тирик мавжудот куйиб, кулга айланган бўларди. Ёки Ернинг Қуёш атрофидаги йиллик айланиши бир сонияда 18 милдан кам ёки кўп бўлса, тўрт фасл ўртасидаги мутаносиблик бузилиб, ёмғирнинг низоми ҳам бутунлай ўзгарарди. У ҳолда куррамизнинг ўртаси жазирама саҳро, чўл бўлиб, шимол ва жануби музликка айланарди.

3. Уни қўйиб, бирор нарса ярата олмайдиган, ўзлари яратилувчи бўлган, ўзларига зарар ёки фойда беришга ҳам қодир бўлмайдиган, ўлимга ҳам, ҳаётга ҳам, қайта тирилишга ҳам қодир бўлмайдиган «илоҳ»ларни тутдилар.
Мушрикликнинг кулфати ва иллати шундаки, бу балога гирифтор бўлганлар қудратли, ҳамма нарсага қодир Зот Аллоҳни қўйиб, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган “илоҳ”ларга сиғинишади, уларни дўст тутишади. Ваҳоланки, уларнинг илоҳлари бирор махлуқотни яратишга қодир эмас, балки уларнинг асли Аллоҳ томонидан яратилган бўлиб, шакллари кимлардир томонидан ўйлаб топилган ва ясалган. Одамлар орасидаги фаросатсиз, ақлини ишлатмайдиган, инсон номига доғ соладиган тоифалари комил сифатлар соҳиби, ибодатга сазовор ягона Зот бўлмиш Аллоҳни қўйиб, турли бўлмағур нарсаларни ўзларига «худо» қилиб олишган. Уларнинг фаросатсизлиги ва ақл ишлатмаслигини бут-санамларга, турли табиий кучларга, ҳайвон ёки шахсларга, тузум ёки фирқаларга сажда қилаётганларидан билиб олиш мумкин. Бунинг устига ўша сохта “илоҳ”лари уларнинг ўзларига на фойда, на зарар бера олади. Улар яна бирор махлуқотга ҳаёт бера олмайди ҳам, бирор махлуқни ўлдира олмайди ҳам. Бошқаларни қайта тирилтира олмагани у ёқда турсин, ҳатто ўзи ҳам қайта тирила олмайди. Ана шундай иложсиз, ҳеч бир ишни уддалай олмайдиган бут-санамларга ишониб, уларга сиғиниб юрган кимсаларни қандай қилиб ақл-фаросатли, фикрловчи ва ибратланувчи инсонлар деб аташ мумкин?
Айрим инсонларнинг жоҳиллиги, фаросатсизлиги шу даражадаки, бошқаларга фойда ёки зарар етказиш у ёқда турсин, ҳатто ўзларига ҳам на фойда ва на зарар етказа оладиган нарса ва шахсларнинг қандай қилиб худо бўлиши ҳақида фикрлай олмайдилар. Бутга чўқинаётганларнинг «илоҳ»лари устига пашша қўнса ҳайдай олмайдию, қандай қилиб худо бўла олади? Молга сиғинаётганларнинг «худо»сини бировлар билмай сўйиб қўйса, илоҳимизни сўйиб қўйибсан, деб қирпичоқ бўлиб, қирғинбарот уруш қилишади-ю, аммо бировнинг қўлида сўйилиб кетган сигир қандай қилиб ўзларига худо бўла олишини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Бошқаларини ҳам шунга таққосласа бўлади. Энг ажабланарлиси, ўзларининг ана шундай ҳолда бўла туриб, тавҳид динига, унинг Пайғамбарига ва Китобига тош отишлари, улар ҳақида турли бўлмағур гапларни тўқиб-тарқатишлари қайси мантиққа тўғри келаркин?!

4. Куфр келтирганлар: «Бу уйдирмадан бошқа нарса эмас. Уни ўзи тўқиб олган ва бунда унга бошқа қавмлар ёрдам берган» деб, зулм ва ёлғон келтиришди.
Макка мушриклари томонидан тарқатилган «Қуръон Муҳаммад томонидан тўқиб чиқарилган уйдирмадир» деган гапларнинг ғирт туҳмат эканини ҳамма яхши биларди. Уларнинг ўзлари, хусусан, бошлиқлари Қуръон башарий калом эмаслигини такрор-такрор тасдиқлашар эдию, аммо ғурурлари йўл қўймай, «Қуръон Муҳаммаднинг тўқиб олган уйдирмаси» деб иғво тарқатишдан уялишмас эди. Яна улар «Муҳаммадга Қуръонни тўқишда бошқа қавмлар ёрдам берган» деб ҳам туҳмат қилишарди. Шунда «Ўша бошқа қавмлар кимлар?» деб сўралганида мушриклар «Аҳли китоблар» деб жавоб беришган. Демак, мушрикларнинг даъвосича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам гўё янги дин яратиш мақсадида бир китоб ёзишга қарор қилганлару, бу ишни ишончлироқ чиқариш мақсадида эски илоҳий китобларга ўхшатишга ҳаракат қилиб, аҳли китоблардан, яъни яҳудий ва насронийлардан ёрдам олганлар. Бу гаплар шунчалик асоссиз ва мантиқсизки, яҳудий ва насронийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз кирдикорларини фош қилишда, жиноятларини ошкора этишда, бузуқ эътиқодларининг шармандалигини баён қилишда ёрдам беришганмикин? Ахир, Қуръонда яҳудий ва насороларнинг ҳар соҳадаги гуноҳ-хатолари баён этилган-ку! Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менга нисбатан ёлғон тўқиманглар. Ким менга нисбатан ёлғон тўқиса, албатта дўзахга киради» (Бухорий ва Муслим ривояти).

5. Улар: «Бу аввалгиларнинг афсоналаридир, буларни у ёздириб олган, улар унга эртаю кеч ўқиб берилади», дейишди.
Куфр келтирганлар Қуръони карим ҳақида юқоридаги уйдирма ва бўҳтонлар билан кифояланиб қолмай, энди илоҳий Каломни “олдингиларнинг афсоналари” дейишга ўтишди. Уларнинг наздида Аллоҳнинг Каломи олдин ўтган қавмларнинг афсоналари эмиш, буларни Муҳаммад алайҳиссалом ёздириб олган эмишлар, у зотнинг ўзлари ўқиш-ёзишни ўрганмаганлари учун эртаю кеч имло қилдирилиб, ўқиб берилган эмиш. Кофирларнинг Қуръони карим ҳақида бундай турли-туман фикрларни айтишларининг ўзи ҳам даъволарининг асоссиз эканига далилдир. Уларга асоснинг кераги ҳам йўқ, ўзларининг бузуқ сафсаталари ва фосид мантиқларига тўғри келадиган жойи бўлса бас, ўшани далил қилиб гапираверадилар. Қуръондаги ўтган умматлар ҳақидаги қиссалардан хабардор бўлганларидан кейин “булар олдингиларнинг афсоналари” дейишдан ҳам тортинишмайди. Улар Аллоҳнинг Каломига нисбатан бундай ёлғон тўқиб ҳам жим қолишмайди, “Қуръон аввалгиларнинг афсонаси бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу афсоналарни қаердан олибдилар?” деган савол берилгудай бўлса, ўйлаб ҳам ўтирмай, бирор ишонарли асос ҳам излаб ўтирмай, дарров «Уларни ёздириб олган», дейишади. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиш ва ёзишни ўрганмаганларини яхши билишса ҳам «Афсоналарни бошқаларга ёздириб олган» деб, яна ёлғон тўқишади.
Асбабун-нузул китобларида ушбу оятнинг нозил бўлиши ҳақида шундай ривоят келтирилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор мажлисда ўтириб, унда ҳозир бўлганларни Аллоҳга имон келтиришга чақирсалар, Қуръон тиловат қилиб, қурайшликларни олдинги умматлар бошига келган бало-офатлардан огоҳлантирсалар, у зот кетишлари билан Назр ибн Ҳорис ибн Алқама ибн Калада исмли кимса Пайғамбарнинг ўринларига ўтириб олиб, қиссахонлик қилишни бошларди. У одамларга Рустам, Исфандиёр каби Форс подшоҳлари ва саркардаларининг қиссаларини сўзлаб берарди. Сўнгра у “Аллоҳга қасамки, Муҳаммад менчалик чиройли гапира олмайди. Унинг сўзлари худди менга ўхшаб тўқиб чиқарган олдингиларнинг афсоналаридир”, дер эди. Шунда Аллоҳ унинг ҳақида оят туширди”.
Кофир-мушрикларнинг бу уйдирмаларига қандай жавоб беришни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатади:

6. (Эй Муҳаммад), «Уни осмонлару Ердаги сирни биладиган Зот нозил қилган, У албатта мағфиратлидир, раҳмлидир», денг.
Қуръонни ҳамма нарсани билувчи Зот - Аллоҳ нозил қилгандир. Ҳамма нарсани билувчи Зот ўтган умматларнинг тарихини ҳам жуда яхши билади. Ўтганларнинг афсоналарини бировдан ёздириб ё кўчириб олишга ҳожат йўқ, балки бу афсоналар ёлғон, бидъат ва хурофотларга тўлиқдир. Қуръони каримда эса ўтган умматларнинг қиссалари энг рост ва тўғри равишда келтирилади. Вақт ўтиб, илм ривожланиши билан бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб бормоқда. Сўзимизнинг исботи учун франциялик машҳур табобат олими Морис Букайнинг “Таврот, Инжил, Қуръон ва ҳозирги илм” китобидан бир иқтибос келтиришнинг ўзи кифоя: “Қуръонда тасвирланган «осмонлар» ва «Ер» орасидаги яратилган нарсалар эса илм-фан томонидан коинотлар орасидаги кўприклар деб таърифланувчи ва биз билган астрономик системага мос тушмайдиган нарсалар бўлиши мумкин. Гарчи Қуръонда берилган илм-фанга алоқадор барча маълумотлар хали илмий далиллар билан тасдиқланмаган бўлса-да, Қуръондаги яратилиш тафсилотлари ва илм-фан томонидан қабул қилинган коинотнинг яратилишига оид билимлар бирон бир ўринда бир-бирига қарши бормайди. Қуръонга хос бу хусусият алоҳида ажратиб кўрсатилиши шарт, чунки бугунги биз билган Эски Аҳд матнларидаги айни шу мавзуга оид маълумотлар илм-фан нуқтаи назарида асло қабул қилинмайди. Бу ажабланарли эмас, чунки Муқаддас Китобнинг руҳонийлар келтирган матнидаги дунёнинг яратилиши билан боғлиқ тафсилотлар Бобилга қувғин даврида руҳонийлар томонидан ўз диний қарашларига мос тарзда ўзгартириб, қайтадан ёзиб чиқилган. Дунёнинг яратилиш тафсилотларига оид Муқаддас Китобдаги матн билан Қуръондаги маълумотлар орасида бунчалик катта фарқ борлигини яна шунинг учун ҳам алоҳида ажратиб кўрсатиш керакки, «Муҳаммад Муқаддас Китобдаги маълумотларни кўчириб олган» деган фикр очиқ туҳматдан бошқа нарса эмаслиги маълум бўлсин. Айниқса дунёнинг яратилиш тафсилотларига оид матнларда бунақа фикр билдириш умуман мантиққа тўғри келмайди. Биздан ўн тўрт аср илгари яшаган одам Муқаддас Китобдаги маълумотларни кўчириш чоғида қандай қилиб бизнинг замонавий илм-фанимизга мос тушмайдиган маълумотларни тузатиб кетиши ва ўз давридан ўн тўрт аср кейин фан томонидан кашф этиладиган фактларни қўшиши мумкин? Қуръон Муқаддас Китобдан кўчирилган деган фикр ҳеч қанақа асосга эга эмас, Қуръонда берилган дунёнинг яратилиши ҳақидаги маълумотлар Муқаддас Китобдагидан бутунлай фарқ қилади”.

7. Улар айтишди: «Бу қандай пайғамбарки, таом еса, бозорларда юрса?! Унга бирор фаришта туширилса эди, у билан бирга огоҳлантирувчи бўлар эди;
Мушриклар фақат Қуръони карим ҳақида эмас, балки Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ҳам турли ёлғон уйдирмалар тўқишди. Улар “Бу одам қанақасига пайғамбар бўлсин, ахир инсонлар каби таом еб, сув ичади, бозорларда одамларга аралашиб юриб, бошқалар билан муносабатлар ўрнатади. Ваҳоланки, пайғамбарлар ё фаришталар тоифасидан бўлишади ёки оддий инсонлардан фарқли равишда турли мўъжизаларга эга бўлишади. Агар у билан бир фаришта туширилганида унга огоҳлантириш ишларида ёрдам берган бўларди” деган хаёлларга бориб, одамларда Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбарлик мақомлари ҳақида шубҳа-гумонлар туғдирмоқчи бўлишди.

8. ёки унга хазина ташланса ёхуд унинг учун бир боғ бўлса-ю, ундан еганида эди». Золимлар: «Сизлар фақат сеҳрланган кишига эргашяпсизлар», дейишди.
Мушрик кимсалар Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарнинг бошқа оддий одамлар каби таом еб, бозорларда ул-бул харид қилиб юришини ақлларига сиғдира олишмади. Улар наздида пайғамбар одам наслидан бўлмаслиги, ҳеч бўлмаганда фаришталардан танланиши керак эмиш. Аввалдан одамларга ўзларига ўхшаган оддий инсоннинг пайғамбар бўлиши ғалати туюлиб келган. Уларнинг тасаввурида пайғамбар қандайдир бошқа хусусиятларга эга бўлиши керак. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бошқа оддий одамлар каби ҳаммага аралашиб юрар, рўзғор-тирикчилик ишларини ҳам ўзлари бажараверар, хуллас инсонларга хос бўлган ҳамма нарса у зотга ҳам тегишли эди. Мушриклар бу ишларни камчилик, пайғамбарга тўғри келмайдиган иш, деб баҳолардилар. Уларнинг фикрича, пайғамбар таом емаслиги, бозорда юрмаслиги ва инсонга оид бошқа ишларни қилмаслиги керак. Шунинг учун мушрикларларнинг фикрича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқ топиш учун бозорларда одамларга аралашиб юришлари пайғамбарлик мартабасига тўғри келмайди. У кишига ҳамма нарса осмондан тайёр ҳолда тушган бўлиши керак. Ризқ манбалари бўлган хазиналар ҳам, тайёр боғ-роғлар ҳам унга Аллоҳ томонидан туширилиши керак. Аммо осмонлару Ернинг сирини билувчи Аллоҳ Ўз ҳикмати билан охирзамон Пайғамбарининг хазинаси ҳам, боғу роғлари ҳам бўлишини хоҳламади. Ҳаммага ўрнак бўлишлари учун у зотнинг камбағал бўлишларини ирода қилди. Бойлик, тирикчилик манбаларини топиш билан машғул бўлишларини истамади. Зотан, Аллоҳга боғланган киши учун бу нарсаларнинг қизиғи ҳам йўқ эди. Уқба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Набий соллаллоху алайҳи васаллам (уйларидан) чиқиб, Уҳуд аҳлига маййитга ўқийдиган намозларини ўқидилар. Кейин минбар устига қайтиб, шундай дедилар: «Мен сизларнинг фаратингиз (кутиб олувчингиз)ман. Мен сизларга гувоҳман. Аллоҳга қасамки, мен ҳозир Ҳавзимни кўриб турибман. Менга ер ха-зиналарининг калитлари [ёки ернинг калитлари] берилди. Аллоҳга қасамки, мендан кейин мушрик бўлиб кетишингиздан қўрқмайман, лекин бунда (мол дунёда) кимўзар ўйнашингиздан қўрқаман» (Бухорий ривояти).

9. (Эй Муҳаммад), улар сизга қандай мисолларни тўқишганига қаранг! Улар йўлдан оздилар, энди йўл топишга қодир ҳам эмаслар.
Аллоҳтаоло марҳамат қиляптики, эй Муҳаммад, мушриклар сизнинг шаънингизга нималарни ёпиштираётганига, сиз ҳақингизда қандай мисоллар келтиришаётганига қаранг. Бири «уйдирмачи» деса, бошқаси «афсоначи»га чиқаради. Бундан ҳам иш чиқмагач, сизни «сеҳргар» дейишга ўтишади. Аммо уларнинг бу гаплари ҳам-маси адашув, мутлақо асоссиз бўҳтонлардир. Улар мана шу қилмишлари билан ҳақ йўлдан адашиб кетишди, охиратларини бой беришди. Агар тўғри йўлда бўлишганида Аллоҳ таолонинг Пайғамбари шаънига бунчалар туҳматларни айтишмасди. Ҳақ ғолиб бўлгани, ботил енгилганини кўриб ҳам улар тўғри йўлни топа олмай юришибди. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бундай жоҳил кимсаларнинг қалбларини муҳрлаб, қулоқларини кар, кўзларини кўр қилиб қўйган. Улар ҳақ Сўзни эшитмай, кўрмай, англамай дунёдан ўтиб кетишади. Улар йўлдан озганлардир, агар адашувда бўлишмаганида Аллоҳнинг охирги Пайғамбарига туҳмат қилмаган бўлишарди.

10. Агар хоҳласа, сизга бундан ҳам яхшироғини - остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларни берадиган ва сизга қасрларни қилиб берадиган Зот баракотлидир.
Аллоҳ таолони ожиз санаганлар билиб қўйишсинки, У ожизликдан поқцир, ўта қудратлидир. Эй Пайғамбар, агар У хоҳласа, сиз учун мушриклар айтаётган нарсалардан ҳам яхшироғини яратиб бера олади. Лекин фақат Ўзи биладиган ҳикматга кўра бундай қилмади. Мунофиқлар ўзлари айтаётган неъматлардан афзал нарсалар берилганида ҳам ҳаргиз имонга келишмайди. Улар дунёнинг арзимас матоҳлари учун имондан кечишди, Аллоҳнинг Пайғамбарини ёлғончига чиқаришди, ваҳийларимизни инкор этиб, икки дунё саодатини бой беришди. Агар Аллоҳ хоҳласа, бу нарсаларни истаган лаҳзада Пайғамбарига ато этиб қўйиши ҳеч гап эмас. Лекин мақсад аризимас боғ-роғларни ва қасрларни қўлга киритиш эмас, балки ҳамма нарсаларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдир. Мушриклар фақат Қуръони карим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида турли уйдирма ва бўҳтонларни тарқатиш билан кифояланиб қолмай, қиёмат куни ҳақида ҳам ёлғон тўқишган. Заҳҳок Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан шундай ривоят қилади: “Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни камбағаллик билан айблаб: “Манави пайғамбар таом еса, бозорларда тирикчилик қилиб юрса, бу қанақасига пайғамбар бўларкан?” дейишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хафа бўлдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом Парвардигорлари ҳузуридан у кишига тасалли бериш учун тушдилар ва: “Ассалому алайка, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Иззат Робби сизга салом айтди ва сизга шундай деди: “Сиздан илгари қанча пайғамбарлар юборган бўлсак, улар ҳам таом ейишган ва бозорларда юришган”. Яъни дунёда тирикчилик йўлини қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом билан гаплашиб туришганида бирдан Жаброил алайҳиссалом эриб, ҳадрага айланиб қолди. (“Эй Аллоҳнинг Расули, ҳадра нима?” дейишди. У зот: “Ал-адаса” (яъни шиша, гавҳар, линза), дедилар). Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилга: “Сизга нима бўлди, эриб ҳадрага айланиб қолдингиз”, дедилар. Жаброил алайҳиссалом: “Эй Муҳаммад, осмон эшикларидан бири очилди, шу кунгача сира очилмаган эди. Қавмингиз сизни камбағалликда айблаганликлари сабабли азобланадилар, деб қўрқдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Жаброил алайҳиссалом йиғлаган ҳолларида бир-бирларига юзланишди. Шунда бирдан Жаброил алайҳиссалом аввалги ҳолларига қайтиб: “Эй Муҳаммад, хурсанд бўлинг, бу жаннат хазиначиси Ризвондир. У сизга Парвардигорингиздан розилик келтирибди”, деди. Ризвон келиб салом бердида: “Эй Муҳаммад, иззат Робби сизга салом айтди”, деди. Унда ялтироқ нурдан бўлган сават-қути бор эди. У шундай деди: “Парвардигорингиз сизга айтдики: “Бу дунё хазиналарининг калитларидир. Охиратда Аллоҳнинг ҳузуридаги сиз учун аталган нарсалар пашшанинг қанотичалик ҳам камайтирилмаган ҳолда (шу калитлар сизга бўлсин)”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди маслаҳат сўрагандек Жаброил алайҳиссаломга қарадилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом қўллари билан ерга уриб: “Аллоҳга тавозеъли бўл!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Ризвон, менинг бунга эҳтиёжим йўқ. Камбағаллик мен учун яхшироқдир. Сабр қилувчи ва шукр қилувчи банда бўлишим маъқулроқдир”, дедилар. Шунда Ризвон алайҳиссалом: “Тўғри йўлни танладингиз, Аллоҳ сизни тўғриликка бошласин”, деди. Шунда осмондан бир нидо келди. Жаброил алайҳиссалом бошини кўтариб қараса, осмонларнинг то Аршгача бўлган эшик-дарвозалари очилибди ва Аллоҳ таоло Адн жаннатидаги шохлардан бирини эгилтиришга ваҳий қилди. У шохда бир бош узум бор эди. Жаннатда яшил бир забаржаддан бир хона - кўшк бор эди. Унинг қизил ёқутдан етмиш минг эшиги бор эди. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Эй Муҳаммад, тепага қаранг”, деди. У зот қараб, пайғамбарларнинг манзилларини ва хона-кўшкларини кўрдилар. Қарасалар, ўзларининг манзиллари уларникидан юқорироқда экан. Бу у кишига хоссатан фазл эди. Ва нидо қилувчи: “Эй Муҳаммад, розимисиз?” деб нидо қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Розиман, дунёда менга беришни истаган нарсангни ҳузурингда қиёмат куни шафоат учун захира қилгин”, дедилар. Муфассирлар ушбу “Агар хоҳласа сизга бундан...”ни (Фурқон, 10) Ризвон олиб тушган”, дейишади.

11. Йўқ! Улар қиёматни ёлғонга чиқардилар. Биз қиёматни ёлғонга чиқарганларга дўзахни тайёрлаб қўйганмиз.
Кофир ва мушрик кимсалар адашувларида шу қадар тубанлашиб кетишдики, улар ҳатто қиёматнинг келишини ҳам ёлғонга чиқаришди. Улар “Қиёмат асло бўлмайди, уни бўлади деяётганларнинг сўзлари ёлғон” дейишгача боришди. Уларнинг қиёмат келишини ёлғонга чиқаришлари жазосиз қолмайди. Аллоҳ таоло бу нобакор кимсаларни бу қилмишлари учун албатта ловуллаб ёнувчи дўзахга ташлайди. Аллоҳ азза ва жалла аламли азоблар, абадий қийноқлар жойи бўлмиш дўзахни айнан ана шундай осий мушриклар учун тайёрлаб қўйган. Дўзах уларни интизор кутяпти, улар тўп-тўп ҳолда дўзахга қандай равона бўлганларини билмай ҳам қолишади. Аллоҳнинг ваҳийларини, қиёматнинг келишини ва ўшанда барча инсонлар қилмишлари учун жавоб беришларини инкор қилувчи-ларнинг оқибати ана шундай аянчли ва хатарли тугайди.

12. У уларни узоқ жойдан кўргандаёқ унинг ғазабнок қайнашини ва бўкиришини эшитишади.
Қиёматнинг бўлишини ёлғонга чиқарганларга Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган дўзах шу даражада даҳшатлики, у кофирларни узоқдан кўриши билан ғазаби тўлиб-тошиб, қайнаб, бўкира бошлайди. Куфр эгалари эса ўзлари дўзахдан анча узоқ масофада туришса ҳам унинг ғазабнок қайнашини ва бўкиришини эшитадилар. Ана ўшанда уларнинг ҳолига вой бўлади. Дўзахдан узоқдаги ҳоллари шундай фожиали бўлса, унга тушганларидаги аҳволларини ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим, икки киши келиб, бири қашшоқликдан, бошқаси эса йўлтўсарликлардан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Йўлтўсарликларга келсак, яқинда карвон Маккагача ҳеч бир соқчисиз чиқадиган бўлади. Қашшоқликка келсак, бирингиз садақасини олиб, айланиб юриб, уни қабул қиладиган одам топа олмай қолмагунча қиёмат қойим бўлмайди. Сўнгра бирингиз Аллоҳнинг қаршисида туради. У Зот билан унинг ўртасида тўсиқ ҳам, таржима қилиб турадиган таржимон ҳам бўлмайди. Кейин У Зот унга: «Сенга мол-дунё бермаганмидим?» дейди.У: «Ҳа (бергансан)», дейди. Сўнгра: «Сенга расул юбормаганмидим?» дейди. У: «Ҳа (юборгансан)», дейди. Шунда у ўнг тарафига фақат дўзахни кўради. Бирингиз яримта хурмо билан бўлса ҳам дўзахдан сақлансин! Агар топа олмаса, яхши сўз билан (сақлансин!)» (Бухорий ривояти).

13. Унинг тор жойига кишанланган ҳолларида ташланганларида эса ўша жойда ҳалокат тилаб қолишади.
Қиёматнинг қоим бўлишини ёлғонга чиқарувчилар дўзахнинг энг тор жойига кишанланган ҳолда ташланади. Улар учун дўзахнинг номини эшитишнинг ўзиёқ азоб, унга тушиш ҳақидаги хабарни эшитиш бундан ҳам оғирроқ азоб, у томонга кетаётиб, унинг ғазабнок қайнашини ва бўкиришини эшитиш баттарроқ азоб, унга ташланиш эса энг катта азоб. Аммо мушрикларнинг дўзахнинг тор жойига ташланиши ундаги азобларнинг энг даҳшатлисидир. Бундай ҳолга тушган осийнинг ўзига ўлим тилашдан бошқа чораси қолмайди. Аммо бунинг иложи йўқ, дўзахдагиларга ўлишнинг иложи йўқ. Дўзах азоб-уқубатларини англаш учун бу ҳақда Қуръони каримда келган оятлар мазмунини билиб олиш кифоя. Дўзахга тушишлари аён бўлган, бу дунёда куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва исён билан ўтган кимсаларнинг башаралари қўрқинчдан бужмайиб, қорайиб кетган бўлади. Улар ловуллаган олов ичра, роса қиздирилган дўзахда куядилар. Чанқасалар, қайноқ сув ичадилар, таомлари заҳарли гиёҳ бўлади. Пайғамбарни, илоҳий Китобни, қиёматни ва қайта тирилишни ёлғонга чиқарувчилар таом ўрнига заққум дарахтининг мевалари билан қоринларини тўлдирадилар ва унинг устидан қайнаб турган сувдан ичадилар. Бундай «зиёфат»дан Аллоҳ таолонингЎзи асрасин!

14. (Айтиладики): «Бугунги кунда битта ҳалокат эмас, кўплаб ҳалокатни тиланглар;
Дўзахга ташланганлар ундаги чидаб бўлмас азоблардан осонгина қутула олишмайди. Оятда айтилганидек, бир марта ҳалок бўлиб, қутулиб кета олмайсизлар. Ҳали кўп марта ўлиб-тириласизлар, ўзингизча, ҳалок бўлсак, бу азоблардан қутулармиз, деган хом хаёлда бўлманглар. Аллоҳ таолонинг оятларига куфр келтирганлар бу дунёда ҳам турли бало-офатларга йўлиқишлари исботланган, инкор этилмас ҳақиқатдир. Дўзахга кирган куфр аҳлининг кўпроқ азоб тортишлари учун тана терилари ҳар гал куйиб битганида янги тери билан алмаштирилади ва азоб янгидан бошланади. Бу ҳолат абадул-абад давом этади. Умар розияллоҳу анҳу: «Бу оят тафсирини мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман, бир соатда тери етмиш марта алмаштирилади», деганлар. Дўзах азоби абадийдир ва бу улардан асло енгиллатилмайди.

15. (Эй Муҳаммад, айтинг): «Бу яхшими ёки тақводорларга тайёрлаб қўйилган мангулик жаннати яхшими?». Бу улар учун мукофот ва охирги мақомдир.
Ушбу оятда кофир ва мушрик кимсаларнинг бошига келган аламли азоб билан мўмин-мусулмон, тақводор бандаларга тайёрлаб қўйилган нарсаларни солиштириб кўриш таклиф қилинади. Қани, солиштириб кўришсин-чи?! Юқоридаги оятларда васф қилинган дўзах ва ундаги даҳшатли азоблар яхшими ёки мангу роҳат-хотиржамлик макони бўлмиш жаннат яхшими? Азоб-қийноқларга тўла дўзахда мангу жазоланиш яхшими ёки нозу неъматларга тўла жаннатларда абадий қолиш яхшими? Мушрик ва кофиру осийларга даҳшатли азобларга тўла дўзахни тайёрлаб қўйган Аллоҳ мўмин-мусулмон ва тақводор бандаларига мангулик жаннатини ҳам тайёрлаб қўйган. Жаннат уларнинг имонлари, яхши амаллари ва тақволари учун мукофотдир, жаннат уларнинг охир-оқибат қарор топадиган қайтиш жойидир. Тақводор мўмин бандалар жаннатда роҳат-фароғатда, омонлик-саломатликда абадий ҳаёт кечирадилар. Яҳё ибн Муоз Розий айтади: «Дунёни тарк этиш қийин, жаннатни ташлаш ундан ҳам қийинроқ. Албатта, жаннатнинг маҳри дунёни ташлашдир». Абу Ҳозимдан қилинган ривоятда: «Агар дунёдаги яхши нарсаларни тарк этиб, шу билан жаннатга кириш мумкин бўлса, бу нарсалар жаннатга етишиш йўлида енгиллик бўлади. Агар дўзахдан қутулиш учун дунёнинг барча мусибатларини кўтаришга тўғри келса, бу томондан енгиллик бўлади. Энди мингта яхши кўрган нарсангдан биттасини ташлаб жаннатга кирсанг-у, сенга макруҳ бўлган нарсадан бир бўлагини олиб дўзахга кирсанг, қандай бўлади?!».

16. Уларга ўша ерда мангу туришганида хоҳлаган нарсалари бўлади. Бу Парвардигорингиз зиммасидаги масъулиятли ваъдадир.
Аллоҳ таоло тақволи бандалари учун жаннатда кўз кўриб-қулоқ эшитмаган неъматларини, жаннатийларнинг истаган нарсаларини тайёрлаб қўйган. Жаннат неъматларини санаб, адоғига етиб бўлмайди. Шунинг учун оятда «...хоҳлаган нарсалари бор» деб қўйилди. Зотан, инсон учун бахт-саодатга етишишнинг чўққиси истаган нарсасига эришишдир. Инсон шундай бахтга фақат жаннатда эришади. Эришганда ҳам, маълум муддатга эмас, мангуликка эришади. Чунки вақтинчалик бахт-саодат тўлиқ саналмайди. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандийнинг айтишича, ким жаннат неъматларига етишишни хоҳласа, беш нарсада бардавом бўлиши керак: 1. Нафсини гуноҳлардан тийиши керак. 2. Дунёда берилган озгина неъматга ҳам рози бўлиши керак. Хабарда ривоят қилинишича, жаннатнинг қиймати дунёни ташлашдир. 3. Тоат-ибодатларга қаттиқ ёпишиши - тоатнинг ҳаммасига интилиши керак. Ўша тоатлар мағфират ва жаннатнинг вожиблиги учун бир сабаб бўлиб қолади. 4. Яхшилик аҳлларини ва солиҳларни дўст тутиши, севиши, улар билан қўшилиб кетиши, улар билан ўтириши керак бўлади. Ҳадиси шарифга кўра, «Дўстларни кўпайтиринглар, қиёмат куни ҳар бир биродар учун шафоат қилиш бордир». 5. Дуони кўпайтириши лозим. Аллоҳ таолодан жаннат билан ризқлантиришни ва унинг охирини яхшиликка олиб боришини сўраши керак”.
Баъзи ҳакимлар айтишади: “Савобларни билатуриб, дунёга таяниш илмсизликдир; амаллардаги савобни билатуриб ўша амалларда ҳаракатни ташлаш ожизликдир. Жаннатда роҳат бор, унга бу дунёда роҳати бўлмаган етишади. Жаннатда бойлик бор, унга дунёнинг камтар бандаси, нарсаларини тарк этган ва дунёнинг озгинасига қаноат қилган кишигина етади”. Парвардигоринг эса ваъдасига ҳеч хилоф этувчи эмас. Масъулиятли ваъдага хилоф қилмаслиги эса кундай равшан нарса. Шундай экан, жаннатга олиб борувчи имон ва тақво йўлидан асло чекинмаслик керак. Оятдаги “ваъдаи масъулан” (масъулиятли ваъда)дан мурод, вафо қилиниши вожиб бўлган ваъдадирки, Аллоҳ таоло фазлу карами билан буни Ўз зиммасига олгандир. Шунинг учун тақволи зотлар бу ҳақда сўрашга ҳақлидирлар.

17. Уларни ҳам, Аллоҳни қўйиб, ибодат қилган нарсаларини ҳам тўплаган Кунда У: «Анави бандаларимни сизлар адаштирдингизми ёки уларнинг ўзлари йўлдан озишдими?!» дейди.
Қиёмат куни Аллоҳ таоло маҳшаргоҳда мушрикларни ҳам, уларнинг Аллоҳ таолога шерик қилиб сиғинган нарсаларини ҳам бирга тўплайди. Ўша куни Аллоҳ азза ва жалла уларнинг барчасидан “Анави бандаларимни сизлар Менинг йўлимдан адаштирдингларми ёки ўзлари ҳақ йўлдан озиб кетишдими?” деб сўрайди. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ чиқиб, адолати жорий бўлиб турган бир пайтда ҳеч ким ёлғон гапира олмайди, қилмишига турли сабаб-баҳоналарни рўкач қила олмайди. Мушриклар қиёматни ёлғонга чиқаришса ҳам, унинг қоим бўлишини исташмаса ҳам, қиёмат барибир содир бўлди. Ўзларини ҳар қанча алдашмасин, чалғитишмасин, қиёмат қойим бўлиши билан улар қайта тирилиб туришибди. Ана шунда Аллоҳ таоло мушрикларнинг «илоҳ»ларидан - бут-санамлардан, табиатдаги нарсалардан, ҳайвонлардан, фаришталардан, жин ва одамлардан: «Анави бандаларимни сизлар адаштирдингизми ёки уларнинг ўзлари йўлдан озишдими?!» деб сўрайди. Аммо барчалари бу ҳақли саволга жавоб бера олишмайди. Чунки Аллоҳ таоло дунё ҳаётида уларга пайғамбарлар юбориб, барчаларини қиёматнинг келиши ва ҳисоб-китоб қилиниши ҳақида огоҳлантирган эди. Аммо улар илоҳий даъватга қулоқ солишмади, Пайғамбарни инкор қилишди, шу тариқа икки дунё саодатидан маҳрум бўлишди. Улар Аллоҳнинг ҳузурида бошларини эгган ҳолда гунг бўлиб туришибди. “Бу дунёда мушриклардан бўлиб, Аллоҳдан ўзга нарсаларга ибодат этганларига, ўшаларнинг «айтгани»ни қилиб, ўшаларнинг «розилиги»ни тилаб ўтган бу бандаларнинг мушрик бўлишларига сабаб нима? Уларни ўша «худо»лари адаштирдими?
Ёки ўзлари йўлдан оздиларми?” деган саволлар жавобсиз қолди. Аллоҳ таолонинг “Бандаларни сохта илоҳлар йўлдан адаштирдими ёки уларнинг ўзлари сабаб бўлишдими?” мазмунидаги саволига сохта илоҳлар бир овоздан қуйидагича жавоб беришади:

18. Улар айтишди: «Ўзинг покдирсан, Сендан бошқаларни дўст тутиш бизларга раво эмас эди. Лекин Сен уларни ва ота-боболарини баҳраманд этдинг, улар эса ҳатто зикрингни унутдилар ва ҳалокат қавми бўлдилар».
Мушрикларнинг будунёдаги ишонганлари ва сиғинган «илоҳ»лари қиёмат куни Аллоҳтаолонингҳузуридауларга қарши гапира бошлайди. «Илоҳ»лари мушрикларнинг сўнгги умидларини ҳам пучга чиқаришди. Чунки мушриклар бу дунёда сохта илоҳларга топиниб юришганда «Ҳеч бўлмаса, бут-санамларимиз у дунёда катта худонинг олдида бизга шафоатчилик қилишар», деб улардан ёрдам ва шафоатчиликни умид қилиб юришарди. Энди эса ўша ишонган «худо»лари уларга шафоатчилик эмас, қораловчилик қиляпти, ёрдам бериш ўрнига аҳволини баттар оғирлаштиряпти. Бу ҳам етмагандай, мушриклар тан олмай юрган Парвардигорга “Ўзинг поксан” деб мурожаат қилишяпти. Гапларини “Эй мушрикларнинг ширкидан пок бўлган Парвардигор! Эй шериги бўлишдек нуқсондан пок бўлган Парвардигор!» деб бошлашмоқда. Ўша сохта илоҳлар ўзларининг Парвардигорлари ҳузурида қилмишларидан уялиб, унга шундай сўзлар билан хитоб қилишга киришадилар: “Сендан бошқани дўст тутиш бизларга тўғри келмайди. Анави бандаларингни биз адаштирганимиз йўқ, уларнинг ўзлари ҳақ йўлдан тойиб, ўз жонларига зулм қилишди. Ҳолбуки Сен Розиқлик сифатинг билан ўша мушрикларга ва уларнинг ота-боболарига дунё ҳаётида соғлик, бойлик ва узоқ умр каби анвойи неъматларни кетма-кет бериб, ҳузур-ҳаловат бахш этдинг. Улар узоқ муддатли бу ҳузурдан сўнг тўқликка шўхлик қилдилар. Охир-оқибатда шу даражага етишдики, ҳатто Ўзингни ҳам унутдилар. Ўзларига бошқа “худо”ларни топдилар ва ниҳоят ҳалокатга учраган қавмлардан бўлдилар».
Сохта худоларнинг бу гувоҳликларидан кейин Аллоҳ таоло жиноятчи мушрикларга қарата қуйидагича хитоб қилади:

19. Дарҳақиқат, улар сизларни айтаётган сўзларингизда ёлғончига чиқардилар. Энди уни қайтаришга ҳам, ёрдам беришга ҳам қодир бўлмайсиз. Сизлардан ким зулм қилган бўлса, унга улкан азобни тоттирамиз.
Яъни, «Эй мушриклар, ўзингиз ўйлаб топган «худо»ларингиз сизларни ёлғончига чиқардилар. Улар сиз айтганингиздек, худо эмас экан. Энди сизга қилмишингизга яраша оғир азоб берилади. Энди бу азобни ортига қайтаришга ҳам, ундан нажот топишда ёрдам олишга ҳам бирор илож топа олмайсизлар. Зотан, ширк энг катта зулмдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳга ширк келтирган кимса энг оғир азобга муносибдир. Аллоҳтаоло айтади: “Мушрик бўлган кимсалар ўзларининг келтирган ширкларини кўрган вақтларида: “Эй Парвардигоримиз, анавилар бизларнинг Сени қўйиб сиғинган илоҳларимиз” дейишганида (“илоҳ”лар бунга жавобан): “Сизлар ҳақиқатан ёлғончидирсиз”, деб сўз қотишади” (Наҳл, 86). Дарҳақиқат, ким Аллоҳдан бошқага сиғинса, уни Парвардигор ва маъбуд ўрнида кўрса, бу Аллоҳга шерик қўшганини англатади. Бу эса Аллоҳнинг тавҳид дини бўлган Исломга зид ишдир. Ширкжамиятда инсон қадрининг ва мавқеининг тубанлашувига сабаб бўлади. Аллоҳ инсонни Ер юзининг халифаси қилиб яратган, уни шараф эгаси қилган, замину коинотдаги барча нарсаларни унга бўйсундириб берган. Аммо айрим инсонлар бунинг қадрига етмай, ўзлари яратган нарсаларни “илоҳ” қилиб олишади, унга сиғинишади, ибодат қилишади, улардан мадад ва кушойиш сўрашади. Ваҳоланки, инсон ўзи сиғинаётган бу нарсалардан юксақца, ўша нарсаларнинг хўжайинидир.
Бундан кейинги ояти карималарда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга хитоб қилиниб, у зотга Аллоҳнинг синовларига, мушрикларнинг озор ва тазйиқларига сабр қилиш буюрилмоқда.

20. (Эй Муҳаммад), сиздан олдин юборган пайғамбарларимиз ҳам албатта таом ейишар ва бозорларда юришар эди. Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик, қани сабр қила олармикинсизлар?! Парвардигорингиз эса куриб турувчидир.
Аллоҳ таолонинг инсонларга юборган барча пайғамбарлари ҳам Одам наслидан бўлган. Улар ҳам бошқалар каби албатта таом еб-ичишар, эҳтиёжларини қондириш учун бозорлардан у-буларни харид қилишар эди. Аллоҳ таоло Уз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга тасалли бериб айтяптики, эй ҳабибим Муҳаммад, мушрикларнинг шаънингизга қилаётган бўҳтонларидан хафа бўлманг. Уларнинг гапларини эътиборга олиб бўлмайди, чунки улар бўҳтончи ва ёлғончилардир. Жумладан, уларнинг сиз ҳақингиздаги «Бу қандай пайғамбарки, таом ейди ва бозорларда юради» деган маломатлари ҳам беҳуда бир сафсатадир. Сизга ўхшаб таом ейдиган, бозорларда юрадиган оддий инсонни пайғамбар қилишимиз янгилик ёки ажабланарли иш эмас, балки азалдан жорий қилинган илоҳий қонуниятдир. Бу ишга қарши чиққанлар эса сизга эмас, Аллоҳнинг жорий қилган одатига қарши чиққан бўладилар. Биз шундай қилиб, синов тариқасида оддий инсонни пайғамбар қилиб юбордик. Шунда баъзилари синовдан ўта олмай, «Оддий инсон ҳам пайғамбар бўладими?» деб ҳақ йўлдан адашди. Уларнинг бу тасарруфлари эса имонлилар учун синов бўлди. Қани, энди улар синовларимизга сабр қила олишармикин? Парвардигорингиз уларнинг синовга дош беришдаги сабрларини ҳам, сабр қила олмай залолат йўлига кириб кетишларини ҳам кўриб турувчи Зотдир. У ҳар бир нарсанинг зоҳиринигина эмас, ҳақиқатини ҳам кўрувчи Зотдир. Шунинг учун Ўзи билиб, ҳикмат билан тасарруф қилади. Бандаларнинг вазифаси эса Аллоҳнинг тасарруфини муҳокама қилиш эмас, балки Унинг амрларини сўзсиз бажаришдир.

21. Бизга йўлиқишдан умидсизлар: «Бизга фаришталар туширилса эди ёки Парвардигоримизни кўрсак эди!» дейишади. Дарҳақиқат, улар ўзларига бино қўйишди ва ниҳоятда ҳаддан ошишди.
Мушрик кимсалар қиёматнинг қоим бўлишига, ўша Кунда Парвардигорларига йўлиқиб, Унинг ҳисоб-китобига рўбарў бўлишларига ишонмаганлари учун Пайғамбарнинг бу ҳақдаги огоҳланти-ришларини менсимай, буни ҳазил-мазах қилишга киришишади. Яъни, «Бизга ўзимизга ўхшаган одамдан пайғамбар юборилмаса-ю, пайғамбарлик вазифасини ўташ учун осмондан фаришта туширилса», дейишади. Бу билан улар ўзларича Аллоҳ таолонинг ишларига аралашмоқчи, пайғамбар танлашнинг «афзал» йўлини таклиф қилмоқчи бўлишади. Улар бу қилмишлари билан ўзларини катта олиб, туғёнга кетишади, сурбетларча ўз куфр ва ширкларини оқламоқчи бўлишади. «Агар бизга оддий инсонлардан пайғамбар келмай, осмондан фаришта тушганида ёки Аллоҳни кўзимиз билан кўрганимизда имон келтирган бўлардик», демоқчи бўлишади. Агар улар ўзларидан кетмаганида, ўзига бино қўйиб керилмаганида шундай гапларни айтишармиди?! Агар барча чегаралардан ошиб ўтиб, туғёнга кетишмаганида «Бизга фаришталардан пайғамбар туширилсин ёки Аллоҳнинг Ўзини кўрайлик» дейишармиди. Улар кўп ҳам шошаверишмасин, фаришталарни кўрадиган кунларига жуда оз қолди, ўшанда бу қилмишларига минг бор пушаймон бўлиб кетишади.

22. Улар фаришталарни кўрадиган Кунда, айнан ўша Кунда жиноятчиларга хушхабар бўлмайди. Ва улар: «Бутунлай ҳаромдир!» дейишади.
Қиёмат қоим бўлганида куфр эгалари ҳам бошқалар каби фаришталарни кўзлари билан кўришади. Аммо улар учун фаришталар томонидан бирор яхши гап айтилмайди, хушхабар берилмайди. Мушриклар уларни бу дунёда кўришни исташган-у аммо кўра олишмаган эди. Қиёмат куни келгач, фаришталар кўзларига кўриниб турсада, яхши оқибатдан хабар беришмаяпти. Бу ҳам етмагандай, уларга тинмай “Сизларга хушхабар эшитиш бутунлай ҳаром!” деган сўзларни айтишяпти. Яъни, «Эй кофир-мушриклар, сизларга хушхабар ҳам ҳаром, жаннат ҳам ҳаром, мағфират ҳам ҳаром, меҳр-шафқат ҳам ҳаром, осойишталик ҳам ҳаром...» дейишяпти.

23. Ва қилган амалларига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборамиз.
Бу дунёда куфр келтирган кимсалар қилган баъзи яхши амалларига суяниб, “Аллоҳга имоним бўлмаса ҳам, яхши-эзгу ишларим асқотиб қолар” деб умид қилиши мумкин. Аммо улар билишмайдики, Аллоҳ таоло имони бўлмаган кишининг яхши ишларини эътиборга олмайди, унинг бу ишлари қиёматда ҳеч бир фойда бермайди. Қиёмат куни Аллоҳ таоло бу амалларини тўзон каби сочиб юборади. Кофирлар ана шундай таҳликали бир ҳолда турганларида мўминларнинг аҳволи умуман бошқача бўлади:

24. Ўшал кунда жаннат эгалари энг яхши қароргоҳ ва энг чиройли оромгоҳларда бўлишади.
Қиёмат куни жаннат эгалари асло ташвиш ва қўрқувга тушишмайди. Уларнинг ҳолати дўзахийларники каби аянчли ва абгор эмас. Жаннат билан мукофотланганлар энг яхши қароргоҳ ва оромгоҳларда бўлишади. Жаннат имонли ва тақводор зотлар учун, Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбарларига имон келтирганлар учун яратилган. Жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсоннинг хаёлига ҳам келмаган неъматлар мўминларнинг бу дунёда қилиб ўтган амалларига мукофот ўлароқ уларга ато этилади. Одамларда тасаввур ҳосил қилиш учун уларнинг бир кўриниши бу дунёдаги неъматларга ўхшатиб Қуръони каримда сифатланган: жаннат аҳллари баланд-баланд сўриларда, ҳамма ёққа тўшаб қўйилган гиламларда, саф-саф қилиб тизилган ёстиқларга ёнбошлаб олиб, тайёрлаб қўйилган қадаҳлардаги шарбатларни ҳузур қилиб ичадилар; тиконсиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, ёйиқ соя остида, оқар сув бўйида, туганмас ва ман этилмас кўплаб меваларни узишади; жаннат меваларини узиш осон бўлиши учун дарахтларнинг шохлари эгиб қўйилган (ким туриб еса ҳам, ким ўтириб ёхуд ётиб еса ҳам, қийналмайди).

25. У кунда булутли осмон ёрилиб, фаришталар туширилади.
Шунчалар улкан ва мустаҳкам бўлишига қарамай, булут қоплаган осмонларнинг бирдан ёрилиши қиёмат кунининг аломатларидан биридир. Пайдо бўлган йўлаклардан фаришталар тўп-тўп бўлиб тушиб,ўзларига юклатилган вазифаларни бажаришга шай турадилар. Тоғлар парчаланиб, худди юнг каби тўзғиб юради. Замину коинот қаттиқ ларзага келади, ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб кетади. Мана шундай кунда дунё ҳаётини куфр, ширк, гуноҳ билан якунлаганлар даҳшатдан қотиб қолишади. Аммо Аллоҳдан қўрқиб, Унинг тоатида собит турган тақволи инсонлар учун бу кунда на хавф-хатар, на маҳзунлик, қайғу-алам бўлади.

26. У кунда ҳақиқий подшоҳлик Раҳмонникидир. У кофирлар учун кўп қийин кундир.
Қиёмат куни ҳеч бир инсон, жин ёки фариштанинг сўзи ўтмайди, буйруғи бажарилмайди. Барча ҳукмронлик, ҳақиқий подшоҳлик Раҳмон сифатли Аллоҳ таолога хос бўлади. Ҳеч ким Унинг ҳукмини ўзгартира олмайди, қарорига аралашишга ботинолмайди. Қиёматда Аллоҳ таолонинг Ўзигина хукм чиқаради ва уни ижро эттиради. Ана шунда кофирларга кўп оғир ва қийин бўлади. Улар дунё ҳаётида алданиб юрганлари, ишонганлари бир сароб чиқиб қолганидан қаттиқ қайғуга тушишади. АллоҳтаолонингЎзи ҳамма нарсани бошқариб,ҳукм чиқариб турганига гувоҳ бўлишганидан кейин энди жазодан қутулишга ҳеч бир нажот қолмаганини тушуниб, бошларини қаерга уришни, кимдан ёрдам кутишни била олмай, ҳасратда қолишади. Оиша розияллоху анҳо дўзахни эслаб йиғлаганларида Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам: «Нега йиғладинг?» деб сўрадилар. «Дўзахни эслаб йиғладим. Қиёмат куни аҳли-аёлларингизни эслайсизми, эй Аллоҳнинг Расули?» дедилар ҳазрати Оиша. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Уч жойда биров бировни эсламайди: тарози олдида, тарози енгил келадими, оғир келадими, буни билгунича; Китоб (номаи аъмол берилиши) вақтида, китоби ўнгдан тушадими ёки чапданми ёхуд олдинданми, буни билгунича; Сирот жаҳаннамнинг икки қирғоғига кўйилганида», дедилар (Абу Довуд ривояти).

27. У кунда золим қўлларини тишлаб, шундай дейди: «Эҳ, қанийди, мен ҳам Пайғамбар билан бир йўлни тутган бўлсам эди!”;
Қиёмат кунидаги аҳволни кўрган золим - мушрик кимсалар афсус-надомат билан бармоғини тишлаб қолади. Битта ёки иккита бармоғини эмас, икки қўлининг ҳамма бармоқларини тишлаб қолади ва надомат билан: «Эҳ, қанийди, Аллоҳнинг Пайғамбари билан бир йўлда юрган бўлсам эди!» дейди. Ушбу оятнинг нозил бўлиши сабаблари ҳақида бир неча ривоятлар келган. Ато Хуросонийнинг ривоятида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай нақл қилинади: “Убай ибн Халаф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у киши билан ўтирар, имон келтирмаса ҳам у кишининг сўзларига қулоқ солар эди. Буни кўриб, Уқба ибн Абу Муайт уни бундан қайтарди. Шунда ушбу оят нозил бўлди”.
Бошқа муфассирлар шундай дейишади: “Убай ибн Халаф ва Уқба ибн Абу Муайт ўзаро бирга ишлашарди. Уқба қачон сафардан қайтса, зиёфат бериб, қавмининг ҳурматли кишиларини чақирарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳам кўп ўтирарди. Бир куни сафардан қайтиб, зиёфат берди. Одамлар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам чақирди. Таом келтирилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “То “Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадан Расулуллоҳ” деб гувоҳлик бермагунингча таомингдан емайман”, дедилар. Шунда Уқба: “Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг элчисидир”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таомидан едилар. Бу ерда Убай ибн Халаф йўқ эди. У воқеани эшитгач: “Эй Уқба, динингдан кечдингми?” деди. Уқба эса: “Аллоҳга қасамки, динимдан кечганим йўқ. Лекин олдимга бир киши кириб, шу гувоҳликни бермагунимча таомимдан емаслигини айтди, унинг уйимдан таом емасдан чиқиб кетишидан уялдимда, ўша ерда гувоҳлик бердим”, деди. Шунда Убай: “То унинг олдига бориб, юзига тупуриб, бошини эгмагунингча сендан ҳеч қачон рози эмасман”, деди. Уқба шундай қилди ва ҳайвоннинг ичак-чавоқларини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига ташлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени Маккадан ташқарида учратсам, албатта бошингга қилич соламан”, дедилар. Уқба Бадр кунида ҳимоясиз қолиб ўлдирилди. Убай ибн Халафни эса Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзма-юз жангда ўлдирдилар. Аллоҳ таоло иккови ҳақида ушбу оятни нозил қилди”. Заҳҳок айтади: “Уқба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига тупурганида тупуги ўзининг юзига икки бўлакка бўлиниб қайтди, унинг икки бетини куйдирди. Шунинг изи то ўлгунича унинг юзидан кетмади”.

28. эвоҳ, қанийди, фалончини дўст тутмаган бўлсам;
Дунё ҳаётида дўст тутишга, ким билан дўстлашишга ҳам ҳушёр бўлиш керак. Кишининг имони, эътиқоди, ахлоқига қараб дўст қилинади. Агар у разил, золим, имонсиз шахс бўлса, бундайлар билан мутлақо дўстлашиб бўлмайди. Бундай “дўст”лар дунё ҳаётида зарар етказибгина қолмай, охиратдаги саодатдан ҳам маҳрум қилади, йўлдан чалғитиб, имонсиз ўтиб кетишга сабабчи бўлади. Ана шу адашуви туфайли бу дунёда Пайғамбарни қўйиб, бошқага эргашгани нотўғри бўлганини ўша пайтдаёқ тушуниб етадию аммо энди кеч эди. Шаъбий айтади: “УқбаУбай ибн Халафнингдўсти эди.Уқба имон келтирди. Шунда Убай: “Агар Муҳаммадга эргашсанг, юзим сени юзингга ҳаромдир, яъни сенга қарамайман”, деди. Шу тариқа Уқба Убайнинг розилиги учун кофир бўлиб, диндан қайтди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”. Келгуси оятда ана шундай адашиб, икки дунё саодатини бой берган кофир ўз «дўсти»дан шикоят қила бошлайди:

29. дарҳақиқат, менга насиҳат келганидан сўнг ўша мени йўлдан оздирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетувчидир».
Куфр келтирган кимсаларнинг аксарияти охиратда сўроққа тортилганда Қуръон нозил бўлганини билиб туриб ҳам ҳақ йўлдан адашганига шайтонни сабабчи қилиб кўрсатади. “Аллоҳнинг Пайғамбари Унинг эслатмасини олиб келиб, одамларни ҳидоятга чорлаб турса ҳам нега имонга келмадинг?” деган саволга ўша кимсалар ўзларини шайтон йўлдан урганини айтишади. Уни тавҳиддан, ҳидоятдан шайтонлар ва одам қиёфасидаги шайтон малайлари адаштирган эмиш. Демак, «дўсти»га ишониб, дўзах билан “сийланибди”да! Аввал Пайғамбар йўлидан юрмай, бошқа йўлдан юрганига афсус қилган эди. Энди «дўсти»нинг гапига кириб, Қуръонга эмас, бошқа нарсага эргашиб адашганини афсус ва надомат билан эсламоқда. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқага эргашганлардан ҳаммасининг ҳоли шу бўлади. Қуръон йўлидан бошқасига юрган, Қуръондан бошқа дастурга амал қилганларнинг аҳволи шу бўлади. Қиёмат куни уларнинг барини бу дунёдаги «дўст»лари, шайтонлар ёрдамсиз ташлаб кетади. Чунки уларнинг табиати шундай, шайтонлар Одамзоднинг азалий душманидир, улар инсонни ёрдамсиз ташлаб кетувчилардир.

30. Ва Пайғамбар айтди: «Парвардигорим, қавмим бу Қуръонни тарк этди».
Ушбу ояти каримада Аллоҳнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка мушрикларининг Қуръон оятларини инкор этаётгани ҳақида Парвардигорларига шикоят қилиб, «Парвардигорим, менинг қавмим - Қурайш ушбу Қуръонни тарк этди», дедилар. Дарҳақиқат, бу қавм Аллоҳ таоло томонидан икки дунё саодатига эришиш дастури қилиб юборилган Қуръонни қабул қилмади. Унга қулоқ ҳам солмади, уни ўқиб-ўрганмади ҳам. Унга имон келтириш ўрнига уни инкор қилиб, “аввалгиларнинг афсоналари”, “шоирлар ўйлаб топган” каби туҳмат-бўҳтонларни ўйлаб топди. Аслида, Аллоҳ таоло уларнинг қилмишларини жуда яхши билади. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу гапларни ўзларининг дардларини тўкиб солиш учун, Аллоҳнинг амрини тўла бажарганларини билдириш сифатида айтган эдилар. Ўз Пайғамбаридан бу шикоятни эшитганидан сўнг Аллоҳ таоло у зотга тасалли бериб, қуйидагиларни айтади:

31. Ҳар бир пайғамбар учун жиноятчилардан мана шундай душман қилганмиз. Ҳидоят қилиш ва ёрдам беришга Парвардигорингизнинг Ўзи кифоядир.
Инсоният тарихига назар солган одам илоҳий бир ҳикматга гувоҳ бўлади. Қачон, қаерга пайғамбар юборилган бўлса, ўша ерда уларга қарши жиноятчилар тоифаси ҳам бўлган. Нуҳ алайҳиссаломга қавмнинг аслзодалари қарши чиққан бўлса, Иброҳим алайҳиссаломга подшоҳ Намруд бошлиқ мушриклар душманлик қилишган. Мусо алайҳиссаломга фиръавн ва унинг аъёнлари қаршилик кўрсатган бўлса, Исо алайҳиссаломнинг ҳам мушриклардан етарли душмани бўлган. Агар Ислом йўли осон, бехатар бўлса, бу йўлда қийинчиликлар, турли тўсиқлар бўлмаса эди, кўпгина одамлар унга ўзини урган, мусулмонлик шарафига эришган бўларди. У ҳолда ҳақиқий мўмин билан мунофиқнинг фарқини ажратиб бўлмас эди. Мана шу ва шунга ўхшаш кўпгина ҳикматларга биноан, Ислом йўли синовларга тўла қилиб қўйилган. АллоҳЎзи севган бандаларини шундай ҳидоятга бошлайди ва синовларига чидаганларга Ўзи ёрдам беради. Чунки ҳидоят қилувчилик ва нусрат берувчиликка Парвардигорнинг Ўзи кифоядир.

32. Куфр келтирганлар: «Унга Куръон нега бир йўла тўла нозил қилинмади?» дейишди. (Эй Муҳаммад), қалбингизни у билан собит қилиш учун шундай қилдик ва уни тартил билан тиловат қилиб бердик.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлиб-бўлиб нозил қилинар эди. Бир оят, икки оят ёки шароитга қараб, бундан ҳам кўпроқ оятлар туширилган. Бу нарса ҳам куфр эгаларига ёқмади. Улар «Пайғамбарга Қуръони карим бир йўла, яхлит ҳолида нозил қилинса эди», дейишди. Бу талаблари уларнинг жоҳилликлари аломатидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримни бежизга бўлак-бўлак қилиб туширмаган. Бунда кўплаб илоҳий ҳикматлар бор. Ушбу ояти каримада эса улардан биттаси келтирилмоқда: яъни «Эй Муҳаммад, Биз қалбингизни Қуръон билан собит қилиш, қувватлаш учун уни бўлак-бўлак ҳолда нозил этдик ва уни гўзал равишда, тартил билан, дона-дона қилиб ўқиб бердик”. Аввал айтилганидек, Қуръони карим йигирма уч йил давомида тарқоқ ҳолда нозил бўлди. Гоҳида бир, гоҳида икки-уч оят нозил бўлар эди, бир тушганда ўнта оятгача ҳам нозил бўлган вақтлар бўлган. Қуръони карим оятлари кишиларга яхшироқ сингиши ва қалбларга мустаҳкамроқ ўрнашиши учун атроф-муҳитни, содир бўлаётган воқеаларни эътиборга олган ҳолда тушар эди. Мана шу ҳолда кишиларга ҳужжат бўлиши осон бўлар ва мўъжизакорлик қуввати янада ортар эди. Агар Қуръони карим тарқоқ ҳолда тушмаганда, одамларга баҳона топилиб, биз бунчалик кўп нарсани бажара олмаймиз, деган гапларни айтишлари мумкин эди. Аввал бир ёки бир неча оят нозил бўлгандан сўнг бир қанча фурсат ўтса, албатта, улар бундай баҳонани қила олмас эдилар. Қуръони каримнинг тарқоқ тушишининг бошқа ҳикматлари ҳам бор. Шулардан бири - кишиларни ота-боболаридан қолиб келган урф-одатларидан ва ўзлари кўникиб қолган эътиқодларидан бирданига ажратиб бўлмас эди. Шунинг учун Қуръони карим аста-секин тушиб, юқорида зикр қилинган нарсаларни бирин-кетин Ислом келтирган тартиб ва қоидаларга алмаштирди. Қуръони каримнинг тарқоқ тушишининг ҳикматларидан яна бири - уни ёдлаш осон бўлиши учун эди. Чунки Набий алайҳиссалом ва у кишининг атрофларидаги саҳобаларнинг кўпи ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Агар Қуръони карим бирдан тушганида уни ёдлаш қийин бўлиб қолар эди.

33. Улар сизга бирор масал келтиришса, албатта сизга ҳақни ва гўзал шарҳини келтирамиз.
Аллоҳ таоло марҳамат этяптики, «Эй Ҳабибим Муҳаммад, агар кофирлар Қуръондан бирор хато топиш ёки сизнинг шаънингизни булғаш мақсадида бирор масал келтиришса ёки савол бермоқчи бўлишса, билингки, Биз уларнинг саволига албатта ҳақ жавобни берамиз ва унинг гўзал шарҳини ҳам келтирамиз. Шунинг учун уларнинг турли саволлар беришидан, сизга эътироз билдиришидан асло хижолат бўлманг, хафа ҳам бўлманг. Улар ҳеч бир асослари бўлмаган ҳолда ботил - ноҳақ гапларни гапирадилар. Уларнинг бу ботиллари Аллоҳ таоло келтирган ҳақ олдида ҳеч қачон дош бера олмайди. Кофирларнинг бу дунёдаги тортишувларда мағлуб бўлиши уларнинг қиёматдаги улкан мағлубиятга учрашининг бошланиши, холос. Уларнинг асосий мағлубиятлари охиратда бўлади”.

34. Дўзах томон юзтубан ҳолларида ҳайдаладиганлар - ана ўшалар маконлари энг ёмон, йўлларидан энг адашганлардир.
Дўзах сари юзтубан ҳолларида ҳайдаб кетиладиган куфр ва ширк эгалари ўз қилмишлари туфайли энг ёмон маконга эга бўлишди ва улар ҳақ йўлдан адашган гумроҳлардир. Бу оятда кофирларга огоҳлантириш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эса тасалли бордир. Яъни, «Эй кофирлар, огоҳ бўлинглар, имонга келинглар, акс ҳолда қиёматда дўзах томон юзтубан судраласизлар», дейилмоқда. Шу билан бирга, ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига тасалли-таскин беряпти: «Эй Ҳабибим, сиз кофирларнинг қилмишларидан, гап-сўзларидан хафа бўлманг, улар ҳозир бундай қилаётганлари билан қиёматда дўзах сари юзтубан судраб кетилади, уларнинг жойи энг ёмон жой бўлади, йўллари энг адашган йўл бўлади». Ислом талабларини бажармаган, ҳаддидан ошган кофир, мунофиқ ва осийлар тушадиган, шайтон ва унга эргашганларга ваъда қилинган азоб жойидир. Дўзах даҳшатли чуқурлик бўлиб, унинг ичида олов ёниб туради, гуноҳкорлар шу оловга ташланади. Қуръони каримда: «Қачон дўзах олови сусайса, уларга оловни ловуллатиб юборармиз», дейилган (Исро, 97).
Гуноҳкорлар ва дўзах олови ўртасида қандайдир ўхшашлик борлигига шак-шубҳа йўқ. Уларнинг қалбида ҳасад, нафрат, ҳирс, рашк, алдов, ғазаб олови ёниб туради, қабиҳ туйғулар туғён кўтаради - буларнинг ҳаммаси ҳақиқатан ҳам оловга ўхшайди. Бундай қалблар уруш оловини ёқмай, осойишта яшай олмайди, чунки олов - уларнинг муҳити, уларнинг унсури ва табиатидир. “Бундай қалбларнинг жойи - дўзах” деган тушунча айни ҳақиқатдир. Бу одамлар жаннатнинг барча неъматларидан фойдалана олишмасди, балки у ердагиларнинг оромини ҳам заҳарлашарди. Ахир улар Ер юзидаги тинчлик ва фароғатдан воз кеча олишармиди?
Биз «дўзах» ва «жаннат» тушунчаларини яхшилаб англаб олишимиз лозим. Дўзах - бу, баъзилар ўйлагандай фақат гулхан, ёнғин ёки товада одамни қовуришгина эмас, дўзах - жуда чуқур маъноли сўз. Бу, сиз билан бизнинг тасаввуримиздаги оловгина эмас. Аллоҳ таоло айтадики, гуноҳкорлар дўзаҳца гапиришади, бир-бирларини ҳақоратлашади. У ердаги заққум дарахтининг мевалари шайтоннинг бошига ўхшайди, дўзахдаги гуноҳкорлар оёқ-қўллари занжирбанд ҳолда ана шу дарахтнинг заҳар-оғу мевасидан ей-ишади, йиринг-фасод тўла қайноқ сувни ичишади ва бу уларнинг ички аъзоларини парчалаб ташлайди. Улар биқирлаб ётган қайнов сувга чўкиб, бир-бирларини лаънатлашади. Дўзах - бу оловнинг, аланганинг тимсоли. «Аллоҳ айтади: «Сизлардан илгари ўтган жин ва инсдан иборат (кофир) миллатлар билан бирга дўзахга кирингиз!» Қачон бир жамоат ўша дўзахга кирганида шеригини лаънатлайди. Қачон унда ҳаммалари топишишгач, кейингилари аввалгилари ҳакрда: «Парвардигоро, ана ўшалар бизларни йўлдан оздирганлар, демак, уларга дўзах азобини икки баробар ҳилгин», дейдилар. Аллоҳ айтади: «Ҳар бирингиз учун икки баробар (азоб бўлур), лекин сизлар билмайсизлар» (Аъроф, 38). Улар ёнилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзахда туриб, бир-бирларини лаънатлайверадилар. Дўзахдаги ўт мавхумлик оловидир, унинг ҳақида айтилган гаплар фақат тахминий белгилардир. Бу гаплардан жисмоний жазо беришни инкор этиб, фақат маънавий жазо ҳақида гаплашамиз, деган хулоса чиқармаслик керак. Дарҳақиқат, жазо - ҳис этилувчи рўё, унга шубҳа бўлиши мумкин эмас ва биз унинг мавжудлигига ишонамиз. Биз бу жазонинг кучи, сифатлари каби мазкур оловнинг хусусиятлари ҳақида ҳам гапиряпмиз, аниқки жазо сарҳадлари чексиздир. Бу сир ҳам яширин. Фақат Қуръони карим маълум қилган даражада биламиз. Олов - биз ўйлаган оддий олов эмас.

35. Дарҳақиқат, Мусога китобни бердик ва унга акаси Ҳорунни вазир қилдик.
Ибн Касир тафсирида келтирилишича, ким Аллоҳ таолонинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор этиб, у зотга бундан кейин ҳам ўз йўлидан қайтмаслигини айтиб қаршилик кўрсатаверса, ўзларига юборилган пайғамбарларга қарши чиққан олдинги қавмлар гирифтор бўлган жазо уларнинг ҳам бошига келиши ҳақида огоҳлантиради ва Мусо алайҳиссалом қиссаси илк мисол сифатида келтирилади. Яъни, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ўз қавмини ҳидоятга бошлашда дастур қилиб Тавротни нозил қилди ва Мусога ёрдамчи бўлиши учун ўзидан бир ёш катта акаси Ҳорунни вазир сифатида юборди.

36. Шунда Биз: «Икковингиз оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмга боринг», дедик. Сўнг уларни йўқ қилиб юбордик.
Яъни, «Эй Мусо, эй Ҳорун, икковингиз Бизнинг оятларимизни ёлгонга чиқарган Фиръавн ва унинг қавми олдига боринг, уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қилинг», дедик. “Тарихи Табарий”да зикр қилинишича, “Фиръавнни ва унинг қавмини имонга чақириш учун унинг саройига борган Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломни ҳукмдорнинг олдига олиб киришади. Фиръавн “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. “Мен Парвардигоримнинг элчисиман, Бани Исроилни мен билан жўнатишинг учун Аллоҳ таоло мени сенга юборди”, деди Мусо”. Улар Аллоҳнинг амрига кўра фиръавнийларнинг олдига бориб, уларни шу тариқа имонга даъват қилишди. Аммо туғёнга кетган золим қавм имонга келмади. Сўнг Аллоҳ азза ва жалла куфр эгаларини битта ҳам қолдирмай йўқ қилиб юборди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Сўнгра улардан кейин Мусони оятларимиз билан Фиръавн ва аъёнларига юбордик. Шунда улар оятларга куфр келтиришди. Энди бузғунчиларнинг окрбати крндай бўлишини кўринг!” (Аъроф, 103).

37. Ва пайғамбарларни ёлғонга чиқарган Нуҳ қавмини ғарқ этдик ва уларни одамларга ибрат қилиб қўйдик. Яна золимларга аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз.
Аллоҳтаоло айтяптики, куфр эгалари яна Нуҳ алайҳиссалом қавмининг қисматидан ибрат олишсин. Улар ҳам бошқа исёнкор қавмлар каби пайғамбарларни ёлғонга чиқаришди, яъни инкор этишди. Оқибатда бошқа золим қавмлар ҳалок қилингани каби Нуҳ қавми ҳам тўфон балосига учратилиб, сувга ғарқ қилинди. Уларга бу жазо ҳам камлик қилади, энди охиратда золимлар учун аламли азобимизни, уларни хор-зор ҳолда қийноқларга солиш учун дўзахни тайёрлаб қўйганмиз.
Муфассирлар ушбу оятдаги «пайғамбарларни» сўзини икки хил тафсир қилишган: баъзи бирлари “Нуҳ алайҳиссаломни ва ундан олдинги пайғамбарларни ёлғонга чиқаришган” дейишса, бошқалари “Қавм битта пайғамбарни - Нуҳ алайҳиссаломни ёлғонга чиқарган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло уларни жамики пайғамбарларни ёлғонга чиқаришда айбламоқда, чунки Аллоҳнинг бир пайғамбарини ёлғонга чиқариш ҳамма пайғамбарларини инкор қилиш билан баробардир”, дейишган.

38. Од, Самуд ва қудуқ эгаларини ҳамда бу орадаги кўп авлодларни ҳам (ҳалок этдик).
Ушбу оятда зикр қилинган Од ва Самуд қавмларининг қиссалари ўтган сура ва оятларда муфассал баён қилинган. Ушбу оятда Аллоҳ таоло юборган пайғамбарлардан Ҳуд ва Солиҳ алайҳиссаломларга итоатсизлик кўрсатган, уларнинг даъватларини инкор қилиб, Аллоҳнинг ваҳдониятидан юз ўгирган Од ва Самуд қавми қилмиши туфайли Аллоҳнинг улкан жазоларига гирифтор қилинган. Ушбу оятда зикри келган “Асҳабар-росси” - «Қудуқ эгалари» кимлиги ҳақида тафсирчи уламолар бир неча фикр айтишган. «Қудуқ» деб ўгирилган «расс» ибораси ичи маҳкамланмаган, нураб тушаётган кудуқни англатади. “Тафсири Жалолайн”да ёзилишича, “Расс” қудуқ номидир, қудуқ эгаларининг пайғамбари бир қавлда ҳазрати Шуъайбдир, баъзилар ҳазрати Солиҳ, дейишибди. Ўша жиноятчи қавм қудуқ атрофида ўтирганида у ўпирилиб кетиб, ўзларини ва уйларини ер ютиб, ҳалок бўлишган экан”. Ибн Жарир Табарий эса «Улар Ухдуд эгаларидир», ҳам деган экан. Қудуқ эгалари ҳақида Буруж сурасида сўз юритилган. Шунингдек, турли асрларда яшаган бошқа қавмлар ҳам пайғамбарларини ёлғонга чиқарганлари учун Аллоҳ томонидан ҳалок қилиб юборилгани ушбу сурада зикр қилинган.

39. Буларнинг ҳаммасига мисоллар келтирдик ва уларнинг барини тамоман йўқ қилиб юбордик.
Яъни, ўша ўтмиш замоннинг барча авлодлари қиссасини баён этиш орқали жиноятчи-золим қавмларнинг осийлик ва саркашлиги учун уларни Аллоҳ таоло Ўзининг қаттиқ жазосига мубтало этиши турли мисоллар билан кўрсатиб берилди. Ўша золим қавмлар ўз қилмишлари туфайли Ер юзидан батамом йўқ қилиб юборилди. Чунки улар пайғамбарларнинг насиҳатига қулоқ солмадилар, Қуръони карим қиссаларидан ибрат олмадилар, ўзларини ўнглаб, ҳидоят сари юзланмадилар. Шундай қилганлари учун ҳаммалари буткул ҳалокатга учрадилар. Бундан кейинги оятларда атрофларидаги Аллоҳнинг мўъжизаларидан ҳамон ибрат олмаётган, Унинг ваҳийларини инкор қилаётган, ўтмишдаги куфр ва ширк эгаларининг қисматидан хулоса чиқармаётганлар ҳам ҳақ йўлни рад қилишаверса, ўтганларнинг бошига тушган бало-офатлар уларга ҳам келиши мумкинлигига ишора қилинмоқда ва бу ҳақда огоҳлантирилмоқда. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), Бизнинг эслатмамиздан юз ўгириб кетган ва фақат дунё ҳаётинигина истаган кимсалардан воз кечинг!” (Нажм, 29).

40. Аниқки, улар ёмонлик ёмғири ёғдирилган шаҳардан ўтишган эди. Уни кўришмаганмиди?! Йўқ, улар қайта тирилишни умид қилишмаган эди.
Ушбу ояти каримадаги «ёмонлик ёмғири ёғдирилган шаҳар»дан мурод Лут алайҳиссалом қавми яшаган Садум ёки Ғоморра шаҳарларидир. Маълумки, энгжирканч бузуқликлардан бесоқолбозлик балосига муккасидан кетган бу шаҳар устидан Аллоҳ таоло тош ёғдириб, тамоман ҳалок қилган. Оятдаги «улар»дан мурод эса Макка кофир-лари. Улар Шомга қилган тижорат сафарларида Ўлик денгиз яқинидаги Лут алайҳиссалом қавми яшаган шаҳар харобалари ёнидан ўтишар эди. Агар уларда инсоф бўлганида, заррача тафаккур қилишганида кўрганларидан ибрат олган бўлишарди. Лут алайҳиссалом қавмининг хатосини такрорлаб, ўзларига келган пайғамбарга қарши чиқишмасди. Шунинг учун ҳам оятда “уни кўришмаганмиди?” деган инкорий савол ҳам берилмоқда. Улар ўша шаҳарни ўз кўзлари билан кўришган, аммо қалб кўзлари ожизлик қилган эди. Зоҳирий кўзлари кўргани билан ибрат олмаган ҳам эдилар. Ҳамма бало шундаки, қиёматдан ва ундаги қайта тирилишдан умиди бўлмаган, унга ишонмайдиган одамнинг қалби гумроҳ бўлади, у ибратли нарсаларни кўрганда ҳам ибрат олмайдиган даражага етиб қолади.

41. (Эй Муҳаммад), улар сизни кўришса, шундай масхара қилишади: «Аллоҳ шуни Пайғамбар қилиб юбордими?;
Яъни, Макка мушрикларининг катталарига Қуръон оятлари ўқиб берилса, улар кибрга бориб: «Нима учун менга Аллоҳнинг оятини манави мендан мартабаси паст одам етказади? Нима учун оят тўғридан-тўғри менинг ўзимга келмайди?» деб ўйлашади. Бошқалар қатори оятни эшитиб, унга бўйсунса, Аллоҳнинг ибодатига юзланса, гўё мансаби-мартабасидан тушиб қоладиганга ўхшайди. Аллоҳга ҳамма қатори бандалик қилиш улар учун хорликка ўхшаб кетади. Шунинг учун мутакаббирлик билан: «Аллоҳ шуни Пайғамбар қилиб юбордими?” дейишади. Бунга ўхшаш гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мушрикларнинг киборларидан Валид ибн Муғийра айтган. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Агар пайғамбарлик ҳақ бўлса, сендан кўра мен унга муносиброқман, чунки менинг ёшим сеникидан катта, мол-дунёим ҳам кўп», деган. Мушрик кимсаларнинг етакчиларидан яна бири Абу Жаҳл эса: «Аллоҳга қасамки, унга (Муҳаммадга) рози бўлмаймиз ва эргашмаймиз ҳам. Фақат унга келганига ўхшаб бизга ҳам ваҳий келса, унда майли», деган. Кўриниб турибдики, Аллоҳ бандалари ичидан бой-зодагон, мансабдор, мутакаббирларини эмас, балки пок, ихлосли, омонатдор, ростгўйларини танлаб олиб, пайғамбар қилади. Пайғамбарга имон келтириш ва у Парвардигордан келтирган амрларга бўйсуниш ҳамманинг вазифаси, ҳеч ким бу илоҳий буйруқлардан бўйин товлаш ҳуқуқига эга эмас. Ким Пайғамбар келтирган амрларга бўйсунмаса, мансаби, давлати ва мол-дунё, куч-қувватига ишониб, мутакаббирлик қилса, ўша кимса Аллоҳнинг аламли ва боқий азобига қолади.

42. агар сабр қилиб (маҳкам) турмаганимизда сал бўлмаса у бизни илоҳларимиздан оздираёзди-я!». Яқинда азобни кўрган вақтларида ким йўлдан озганроқлигини билиб олишади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларидан олдин ҳам қавмлари орасида катта мартабадаги, ҳурмат-эҳтиром қозонган киши эдилар. У зот насл-насаб жиҳатидан ҳам, ақл-заковат жиҳатидан ҳам, одоб-ахлоқ жиҳатидан ҳам, инсоний муомала жиҳатидан ҳам эътиборли эдилар. Халқ у зотни Амин - Ишончли деб атарди. Одамларда у кишига нисбатан ҳеч қандай норозилик ёки паст назар билан қараш йўқ эди. Бу ҳолат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлгунларигача давом этди. Пайғамбар бўлганларидан кейин одамлар бирданига ўзгариб қолишди. У кишини гоҳ жинни дейишса, гоҳ сеҳрланганга чиқаришди. Яна шунга ўхшаш таҳқирловчи сифатлар билан масхара, калака қилишгача боришди. Яъни, кофирлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар кўрганда масхара қилишди. Қилганда ҳам “Аллоҳ Пайғамбар қилиб юборган одам шуми?” қабилида энг қабиҳуслубда, сурбетларча масхара қилдилар. Бу гаплар ҳамманинг кўнглидан ёки оғзидан бир хилда чиққан эмас. Аввало, оз бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтирганлар бор эди. Қолаверса, уларнинг аксарияти Амин деб ном олган пайғамбар ҳақидаги бўҳтонларга мутлақо ишонмасди. Аммо ўша вақтдаги жоҳилий жамиятнинг сиёсати ва мафкураси шу бўлган. Ҳукмрон доиралар зўр бериб шу мафкурани ёйиш пайидан бўларди. Қолганлар эса ўзлари ишонмаса ҳам, қўрққанларидан уларга қўшилишар эди. Аммо «Кечагина мақтаб юрган одамни нимага бугун масхара қилиб қолдингиз?» деб ҳеч ким савол бермас эди. Айни пайтда улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарса уларга қаттиқ таъсир қилганини ҳам тан олиб, “агар қатъий турмаганимизда сал бўлмаса у бизни илоҳларимиздан оздираёзди-я!» дейишар эди. Уларнинг эътиқодларига путур етган бўлса-да қавмнинг сардорлари ишлаб чиққан сиёсат уларни имон келтириш ўрнига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилишга олиб келди. Агар улар инсофли бўлишганида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват қилган ҳидоят йўлини “илоҳларимиздан оздириш” дейишармиди? Яқинда Аллоҳнинг азобига рўпара бўлишганида ким тўғри йўлдаю, ким адашганини билиб қолишади. Аммо унда фурсат ўтган бўлади, энди ҳақиқатни билишлари ўзларига мутлақо фойда бермайди.
Мушрикларнинг кирдикорлари баён қилиб берилганидан кейин Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериш бошланади:

43. Ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олганни кўрдингизми? Энди сиз унга вакил бўласизми?
Инсоннинг ҳавойи нафси шундай маккор душманки, агар дин ва ахлоқ инсонни ўз чегараларида ушлаб турмаса, у ҳавойи нафсининг чангалига осонгина тушиб қолади. Нафси қайси ёмон йўлга бошласа, унга эргашаверади. Мушрик ва кофир кимсаларнинг дину диёнатга, Пайғамбарга ҳамда Қуръонга нисбатан шаккоклик қилаётганлари, уларнинг залолат йўлларига кириб кетишларига асосан ҳавойи нафсларининг хуружи ва исёни сабаб бўлди. Улар илм-маърифат, ақл ва мантиқ, тафаккур-тадаббур юзасидан эмас, ҳавойи нафсга берилиш юзасидан хукм чиқардилар, ақлларига эмас, шаҳватларига эргашдилар. Улар ҳавойи нафсларига банда бўлиб, ўша душманларининг айтганини қилиш билан оворалар. Ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олиб, унга сиғинаётган пасткаш кимсалардан бундан бошқа нимани ҳам кутиш мумкин? Шунинг учун Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб, “Шундай одамга вакил бўлмоқчимисиз?” деган саволни беряпти. Йўқ, Пайғамбарнинг вазифаси ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олганларга вакил бўлиш эмас, балки Аллоҳдан келган амрларни инсонларга етказишдир.

44. Ё уларнинг кўплари эшитади ёки тушуна олади деб ўйлайсизми? Улар ҳайвон кабидир холос, балки улар йўлдан кўпроқ адашгандирлар.
Яъни, эй Пайғамбарим, сиз бундай бутпарастларни қандай қилиб ҳидоятга бошлай оласизки, улар нафсларининг хоҳишига қараб бут-санамларни ўзларига илоҳ қилиб олишган. Шунинг учун улар бугун бир илоҳга сиғинишса, эртасига бошқасининг этагидан тутиб кетишади. Уларга ҳақ йўлни кўрсатиш учун қанчалар насиҳат қилманг, қандай ҳужжат-далилларни келтирманг, улар буни эшитишни ҳам, тушунишни ҳам исташмайди. Улар ҳайвонлар каби фақат ейиш-ичиш билан машғуллар, бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламайдилар. Улар ҳатто ҳайвонлардан ҳам кўпроқ йўлдан адашгандирлар. Ҳайвонлар ҳам ҳамма нарсани эшитадию, аммо бу ҳақда ўйлай олмайди, атрофидаги мўьжизалардан ибратланишни ҳам билмайди. Бутпарастларни ҳайвонлардан кўра адашган дейилишига сабаб, уй ҳайвонлари ўзларига қараб турган одамга боғланиб қолади, унга вафодорлик кўрсатади. Ўзларига ёмонлик ёки яхшилик қилганларни ажрата олади. Ўзларига фойдали нарсаларга яқинлашиб, зарарлиларидан қочади. Еган-ичган нарсасининг фарқига боради. Ўзлари юришга ўрганган йўлдан адашмайди. Ўзига юклатилган вазифани тўлиқ адо этади, инсонларни гўшт, сут, жун, тери кабилар билан таъминлайди, уларга улов вазифасини бажаради. Энг муҳими, ҳайвон ва қушларнинг бари Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади, Унга сажда қилади. Аммо кофирлар-чи? Улар ўз Эгаларини тан олмайдилар. Аллоҳ уларга берган неъматларга ношукрлик қиладилар. Ўзларига фойдали нарсани қўйиб, зарарлисига ташланадилар. Ер юзидаги ҳамма нарсаларга ёмонлик қиладилар. Демак, улар ҳайвондан ҳам баттардирлар. Инсон борлиқни яратган Холиққа имон келтириши, Уни яхши таниши, Унинг ягоналигига, тоат-ибодати вожиблигига имон келтириши лозим. Акс ҳолда, унинг сурати инсону, сифати ва сийрати инсон бўлмайди. Балки у ўз залолати билан ҳайвондан ҳам пастроқ даражада бўлади. Чунки ҳайвон ҳам ўзининг махлуқ эканини, ибодатга сазовор Холиқи борлигини сезади.
Бундан кейин келадиган оятларда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътиборларини борлиқдаги ажойиботларга тортади. Бу эса Аллоҳ таолонинг қудратига яна бир бор тан беришга ундайди, у зотга мушрикларнинг озор-қийноқлари изтиробини унуттиради:

45. Парвардигорингиз сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингизми? Агар хоҳласа, уни жилдирмай қўярди. Сўнгра қуёшни унга далил қилдик.
Қуръони карим нозил бўлган пайтда, яъни бундан ўн беш аср муқаддам одамларга осмонлар ва Ер ҳақида, юлдузлар ва сайёралар, оламнинг яратилиши қонуни, Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши, инсоннинг яратилиши, боланинг она бачадонида ривожланиши ва туғилиши ҳақида гапириб бериш учун замонавий фалакиёт, атомнинг тузилиши, биология ва анатомия фанлари ҳали маълум эмас эди. Қуръондаги илмни кейинчалик фан-техника ютуқлари орқали, замонавий олимларнинг назариялари билан исботлашга тўғри келди. Албатта Қуръони карим бу мавзуларга кўп тўхталмаган ва ҳаммасини батафсил баён ҳам этмаган. Чунки Қуръон, энг аввало имон-эътиқод китоби, ҳаёт дастури ва шариат асосидир. Агар ўшанда Қуръон юқоридаги мавзуларни тўлалигича очиб қўйганида ҳали бу нарсалардан мутлақо бехабар мусулмонлар мавҳумлик билан тўқнашиб, ундаги хабарларга тушунмаган бўлишарди. Шунинг учун Қуръони карим ишоралар, аломатлар, кўрсатма ва солиштирмалар билан кифояланиб қўяқолган. Бу эса - илм-фаннинг келажагини содда қилиб тушунтириш учун, келгусида бу улуғ Китобнинг барча башоратлари очилиб, аста-секин рўёбга чиқиши учун эди. Бу кашфиётлар юз ва минг йиллардан кейин очилиб, инсонларнинг авлодларидан-авлодларига мўъжиза сифатида, Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан юборилгани ҳақиқатлиги тўғрисида мангу исбот-далил бўлиб қолиши учун эди
Ўзимиз яшаб турган борлиқдаги жуда кўп мўъжизаларга кўпда эътибор беравермаймиз, улар ҳақида тафаккур қилишга эринамиз. Аллоҳнинг нур ва соя соҳасидаги мўъжизаларига ҳар қанча тасанно айтса, қойил қолса бўлади. Эрта тонгда туриб, машриқ томонга бир назар солинг: эндигина бош кўтараётган куёш нурлари тун зулматларини гўё “эритиб”, унингўрнини аста эгаллаётганини кўрасиз. Қуёш кўтарилгани сари ердаги нарсаларнинг соялари ҳам пайдо бўла бошлайди. Қуёш осмонда қанча баланд кўтарилса, соя ҳам шунчалик қисқара боради. Қуёш чўққисига чиққанда, яъни тушда соялар батамом йўқолиб қолади. Аллоҳнинг Ўзи уни йўқотиб ёки завол топишга мажбурлаб қўйиши мумкин. Барча йўқолган нарсалар эса ўзларининг ягона яратувчилари Аллоҳга қайтишади. Сояни доимо кўриб юрамиз, аммо унга унчалик эътибор бермаймиз. Эътибор берсак, бу нарса Аллоҳнинг яратувчилик қудратига далил эканини тушунамиз. Аллоҳ шунчалар қудратлики, агар хоҳлаганида сояни жойидан жилдирмай қўйган бўларди. Соя жойидан жилмаса, уни пайдо қилувчи қуёш ҳам ўрнидан қўзғолмаган бўлур эди. Бунда инсонларнинг Ердаги ҳаёт тарзи издан чиққан, тинимсиз олов ёғдираётган қуёш тиғлари остида ҳамма нарса буткул ёниб кетган бўларди.

46. Сўнгра уни Ўзимизга аста-секин тортиб оламиз.
Аллоҳ борлиқдаги аломат - ишораларни бандаларига бирма-бир кўрсатиб бораверади, чунки уларга Аллоҳўз Китобида келтириб қўйган гувоҳликлар етарли эмас ва Қуръоннинг мўъжизавий сирларини асрлар мобайнида очиб боришга зарурат туғилган. Шунинг учун Аллоҳ Ўз китобида мўъжизакор Қуръоннинг ажойиб аломатларини кун-бакун очиб бориш ваъдасини берган. Ояти каримада зикр қилинаётган оддийгина соянинг ўзи ҳар қандай оқил одамни Аллоҳнинг яратувчилик қудрати ҳақида тафаккур қилишга ундайди. Сояни ҳам, уни келтириб чиқарувчи қуёшнинг ҳам ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шундай экан, У истаган пайтида сояни аста-секин йиғиштириб, тортиб олиши ҳам мумкин. Унда бандаларнинг аҳволи нима бўлишини бир тасаввур қилиб кўраверинг.

47. У сизлар учун кечани либос, уйқуни ором қилган ва кундузни эса ҳаётга қайтиш қилган Зотдир.
Яъни, Аллоҳ таоло сизлар учун кечани-тунни либос қилган Зотдир. Либос танани ва унинг нуқсонларини тўсганидек, кеча ҳам ўзи етган жойдаги ҳамма нарсаларни зулмати билан яшириб, кўринмайдиган қилиб қўяди. У ҳатто инсонларнинг гуноҳ ишларини, жиноятларини ҳам бошқа одамлар кўзидан пинҳон қилади. Яна Аллоҳтаоло жонзотларга уйқуни ором ва фароғат қилиб қўйган. Аллоҳтаоло инсонни ҳаётининг каттагина қисмини уйқу билан ўтказадиган қилиб яратган. Ҳар бир жонзот, шу жумладан, инсон учун ҳам уйқу энг муҳим роҳатдир. Уйқу бўлмаса, у оромга эришолмайди, танасига куч тўплай олмайди. Уйқу нафсоний ва ҳиссий кувватларнинг ҳаракатлардан дам, ором олишидир. Уйқу кучни қўзғотади, баданни турли чиқиндилардан тозалайди, ҳужайраларни янгилайди. Олимларнинг таъкидлашларича, инсон овқатсиз, оч юришга узоқ муддат, тажрибага кўра, 40-50 кун чидар экан. Аммо уйқусизликка икки кундан ортиқ чидай олмас экан. Хўш, кечани либос, уйқуни ором қилган ким? Албатта Аллоҳдир! Бу нарса Аллоҳнинг чексиз қудратига далил эмасми? Кечаси ухлаб, роҳатланиб, ўзида куч тўплаб олган одамлар кундузи “тирилиб”, ризқ топиш, дунёни обод қилиш учун турли ишлар ва машғулотларга таралиб кетишади. Буни ҳам Аллоҳ таоло Ўз қудрати билан жорий қилган,Ундан бошқа ҳеч бир зот буни қилишга қодир эмас. Олимлар уйкуни “ярим ўлим” дейишади, ҳақиқатан инсон уйқуга кетар экан, дунёнинг барча ишларидан узилади, айримларга эса ўлим уйқу чоғида келади, кун уларсиз бошланади. Инсон уйқудан куч тўплаб, янгиланиб тургач, яна ҳаёт бағрига, кундалик вазифаларини бажаришга машғул бўлиб кетади.

48. У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир. Осмондан пок сувни туширдик;
Кўплар Аллоҳ таолонинг осмондан ёғдирадиган суви (қор-ёмғири) Унинг ҳақиқий раҳмати, бандаларига ва махлуқларига буюк бир меҳрибонлиги эканини тўла ҳис этишмайди. Агар У Зот бир неча кунгина ёғин ёғдирмаса ёки булоқлари сувини тортиб қўйса, уларнинг ҳоли не бўларди? Ҳамма нарса ташналикдан қирилиб кетган, экилган экин ва дарахтлар сувсизликдан қовжираган, қурғоқчилик ва қаҳатчилиқцан барча жонзот қирилиб битган бўлар эди. Бунинг устига Қуръонда оддий сув-ёмғир ҳақида эмас, балки ўзининг кимёвий таркиби билан ҳосилдорликни оширадиган, ерни намга тўйдирадиган, инсонларга, ҳайвонот-набототга ризқ-рўз, раҳмат бўлиб ёғиладиган, қурғоқчиликнинг ҳосилдорликка таъсирини ўзгартирадиган мўл-кўл, раҳмат ёмғири ҳақида сўз бормоқда. Қуръонда зикр этилган ёмғирни бирорта кашфиётчи ҳам бизга осмондан тушириб беролмайди. Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи яна бир ҳолат борки, У ҳар гал Ўз раҳмати - ёмғирини ёғдиришдан олдин бунинг хушхабарини берувчи булутларни ҳам шамоллар воситасида юборади. Муфассирлар айтишадики, ёмғир суви шунчаки оддий сув эмас, балки мусаффолиги жиҳатидан энг соф ва энг яхшисидир.

49. у билан ўлик юртни тирилтиришимиз ва ўзимиз яратган кўплаб чорваларни ҳамда инсонларни суғориш учундир.
Сувнинг бутун айланиш тизими - денгиз, шамол ҳайдайдиган булутлар, ёмғир, дўл, қор, дарёлар ва яна улар қуйиладиган денгиз Аллоҳ таолонинг бандалар ҳақидаги ғамхўрлиги ва меҳрибонлигининг тимсоли бўлган табиий жараёнларнинг ажойиб низомидир. Тузлар денгизни турли ифлосликлардан мунтазам тозалаб турса, қор, ёмғир, дўл, муз кўринишидаги сув эса ўлиб ётган ерларни тирилтиришда энг муҳим воситадир. Сув таъсирида ҳаёт сўниб ётган юртлар тезда жонланиб кетади. Дарё, кўл, булоқ ва қудуқлардаги чучук сув ҳам пировардида ёмғирдан пайдо бўлади. Оқин сув бўлмаган саҳро ва чўлларда яшовчи одамлар ушбу ояти кариманинг маъносини ҳаммадан кўра яхшироқ тушунишса керак. Ичгани бир томчи сувлари йўқ, қуёш эса тобора қиздириб, оловини сочяпти. Ҳамма ер қақраган, барча одамлар ва ҳайвонлар, бошқа жонзотлар ташналикдан азоб чекаётган бир пайтда шамол эсиб қолса, ҳамма хушнуд бўлади. Чунки бу шамол ёмғирнинг, Аллоҳ раҳматининг даракчиси, хушхабарчиси. Бир томчи сувга зор бўлиб турган юрт учун, дарҳақиқат, Аллоҳ юборган шамол Унинг раҳматидан хушхабар бўлади. Аллоҳ ёғдирадиган ёмғир ўша юрт аҳли учун Унинг раҳматидир. Ёмғир ёғиши билан ўша ерлар тирилади, яъни қақраб ётган ер ўлиқцан тирикка айланади. Сўнгра куриб бораётган дарахтлар ва ўсимликларга жон киради. Дунё бутунлай бошқача кўриниб қолади. Айниқса, ҳайвонлар ўзларига келиб, ташналиклари қониб, ҳаракатга тушиб қоладилар. Албатта, ҳаммадан кўра инсон яйрайди, Аллоҳнинг раҳматидан ғоятда шод бўлади. Чунки ёмғир ёғиши унинг ризқи мўл бўлишига, айни пайтда танасининг бир оз бўлса-да, роҳатланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам у Аллоҳ осмондан туширган пок сувдан ғоят шодланади.

50. Эслатма олишлари учун уни ораларида тақсимлаб қўйдик, бироқ одамларнинг кўплари фақатгина ношукрликни исташди.
Оятдаги “уни” олмоши нимани англатиши ҳақида муфассирлар бир неча хил фикрларни айтишган. Имом Қуртубий тафсирида келтирилишича, ушбу оятда келган “соррафнаҳу” сўзидаги “ҳу” олмошини бир томондан, сура аввалида айтилганидай, Қуръонга нисбат бериш мумкин. Иккинчи томондан, улуғ саҳобийлар Ибн Аббос, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум айтишганидай, ёмғирни ҳам англатиши мумкин. Шу билан бирга, бунда ёмғирнинг ҳар хил турлари ва улардан фойдаланиш имкониятлари назарда тутилади”. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф биринчи фикрни тасдиқлайдилар.
Айни пайтда ушбу оятда ажойиб ўхшатиш ҳам бор. Аллоҳ осмондан пок сув туширади. Аллоҳ осмондан пок сўз (Қуръон) нозил қилади. Аллоҳ осмондан туширган пок суви билан ўлик ўлкаларни жонлантириб-тирилтиради, ташна ҳайвон ва одамларни суғоради. Аллоҳ осмондан нозил қилган пок сўзи билан маънавий ўлик халқларни тирилтиради, маънавий ташналарни руҳий-маънавий таълимотлар билан суғоради. Нима учун одамлар беш кунлик ҳаётларининг бир қисмига тегишли сувдан хурсанд бўладилар-у, икки дунёларининг саодатини таъминловчи илоҳий калом - Қуръон нозил бўлишидан хурсанд бўлмайдилар?! Ҳатто улар Қуръоннинг эслатмаларидан хулоса чиқаришмади, имонга келишмади, фақат куфр йўлини танлашди. Шу туфайли ҳам Пайғамбарнинг рисолатни ёйиш йўлидаги вазифаси қийинлашди, бунда у ҳар хил тўсиқларга учради.

51. Агар хоҳласак, ҳар бир шаҳарга биттадан огоҳлантирувчи юборган бўлардик.
Аллоҳ таоло юборган Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг вазифалари ниҳоятда масъулиятли бўлиб, у зотга бутун инсониятни Аллоҳнинг охирги динига даъват қилишга буюрилган. Агар Аллоҳ таоло ҳар бир шаҳарга биттадан огоҳлантирувчи юборганида иш осонлашар, огоҳлантирувчилар кўпайиб, ишни ўзаро бўлиб олишар ва биргалашиб ҳаракат қилишар эди. Лекин Аллоҳ таоло буни хоҳламади, охирги пайғамбарликни фақат бир кишига - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлишини, илоҳий даъват тарқоқ ҳолда бўлмаслигини истади.

52. (Эй Муҳаммад), кофирларга итоат этманг! Унинг ёрдамида уларга қарши қаттиқ курашинг!
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига куфр эгаларига итоат қилмасликни, Қуръони карим ёрдамида уларга қарши қаттиқ кураш олиб боришни буюрмоқда. Дарҳақиқат, Куръони карим куфрга ва кофирларга қарши курашда асосий восита бўлиб хизмат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётликларида имонга келганлар асосан Қуръондан таъсирланиб мусулмон бўлишган. Ҳатто имонга келмаганлари ҳам Қуръондан қаттиқ таъсирланишар эди. Қурайш бошлиқларининг кечаси бир-бирларидан беркиниб бориб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиловатларига қулоқ осганлари, ундан қаттиқ таъсирланганлари, бир-бирларини билиб қолиб, бировга айтмасликка, қайтиб Куръон эшитмасликка ваъдалашганлари, шундай бўлса ҳам кейинги оқшом қайтиб бориб, яна Қуръон тинглаганлари ҳақидаги ривоятлар маълум ва машҳур. Кейинги даврларда ҳам Ислом динини қабул қилганлардан «Нима учун бу динни қабул қилдингиз?» деб сўралганида кўплари «Қуръондан таъсирландим», деб жавоб беришган.

53. У икки денгизни - бунисини чучук, унисини шўр қилиб оқизиб қўйган ва улар ўртасига тўсиқ ҳамда мустаҳкам парда қилган Зотдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида денгиз ва дарёларни қандай яратганини айтади: «Дарё-денгиз тенг бўлмас - буниси ширин-тотли ва ичилиши осон, буниси эса шўртахирдир» (Фотир, 12); «У зот икки денгиз-дарёни бир-бирлари билан учрашадиган ҳолларида окрзиб кўйди. Аммо у иккисининг ўрталарида бир тўсик, бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмайди» (Раҳмон, 19-20). Маълумки, денгиз қаъри ҳам, дарё туби ҳам сув бемалол сизиб ўта оладиган қумлоқ ёки тупроқдир. Кўп ҳолларда шўр сувли денгиз билан чучук сувли дарё ёки кўл шундоқ ёнма-ён жойлашиб ҳам қолади. Лекин Аллоҳ таолонинг қудрати билан улардан бирининг шўри иккинчисига уриб кетмайди.
Франциялик атоқли олим, сув ости дунёсидаги тадқиқотлари билан оламга танилган Жак Ив Кусто (капитан Кусто) шундай ёзади: “Баъзи тадқиқотчилар ўзаро фарқли денгиз оқимларини бир-биридан айириб турадиган тўсиқлар мавжуд, деган ғояни илгари суришган, биз шу қарашлар устида иш олиб бораётган эдик. Пировардида аён бўлдики, Оқ (Ўрта Ер) денгизнинг ўзига хос иссиқлиги, шўрлиги ва зичлиги бор. Айни пайтда, у ўзига хос жонли мавжудотларни боқади. Сўнгра Атлантика океанидаги сув қутласини (массасини) текширдик ва Оқ денгизникидан батамом фарқли эканини кўрдик. Ҳолбуки, бу икки сув қутласи Жабали Ториқ (“Гибралтар” ҳам дейишади) бўғозида бирлашади. Ва бу қўшилув минг йиллардан буён давом этиб келмоқда. Шунга кўра, икки денгиз суви бир-бирига аралашиб кетиши лозим эди, аммо шўрликда, зичликда таркибидаги модда миқдорларида тенглик (ёки шунга яқин бир ҳолат) юзага келмаганини, яъни оқимлар бир-бирига қўшилиб кетмаганини ва ҳар икки денгизнинг битта бўлиб кетган жойларида ҳам сувларнинг сифати, таркиби бошқа-бошқа эканини ҳайронлик билан кузатдик. Текшириш давомида бизни лол қолдирган яна бир ҳолатга дуч келдик: бу икки денгизнинг бирлашув нуқтасида қандайдир ғаройиб бир сув тўсиғи бўлиб, уларнинг қўшилиб кетишига ўша монеълик қилаётган эди. Худди шундай «сув тўсиғи» 1962 йилда олмон олимлари томонидан Адан кўрфази билан Қизил денгиз бирлашган Мандак бўғозида ҳам топилган эди. Кейинги тадқиқотларимизда фарқли васфдаги барча денгизларнинг бирлашма нуқталарида айни сув тўсиғи мавжуд эканининг гувоҳи бўлдик».
Бу гапларга шуни қўшимча қилиш жоизки, денгизлардаги сув тўсиғи билан боғлиқ кузатув натижаларини эълон этган капитан Кустога кўп ўтмай, унинг энг яқин дўсти доктор Морис Букай бу кашфиётнинг янгилик эмаслигини, чунки бу ҳолат Қуръони каримда очиқ-ойдин айтиб қўйилганини маълум қилади. Бу сўзлар Кустони довдиратиб қўяди ва у Қуръондан ўша оятларни ҳайрат билан эшитади. Сўнгра бундай деб юборади: «Замонавий илм эришган кашфиётларни ўн тўрт аср аввал айтиб қўйган Қуръон, гувоҳлик бераманки, Аллоҳнинг каломидир!».

54. У сувдан инсонни яратиб, сўнг уни насл-насабли, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Ҳақиқатан Парвардигорингиз қодирдир.
Араб тилига хос бўлган хусусиятларга кўра, муфассир уламолар ояти каримадаги «насл-насаб»га «ўғил» маъносини, «қуда-анда»га «қиз» маъносини беришган. Чунки бир уруғ ёки оиланинг насаби сақланишига ўғил бола сабаб бўлса, бошқалар билан қуда бўлишига қиз бола сабаб бўлади. Шунда оятдаги биринчи жумладан «Аллоҳ ҳақир сувдан (нутфадан) одамни яратган, ўша одамни эса, эркак ва аёл қилиб қўйган Зотдир» деган маъно келиб чиқади. Аслида эркак сувиманийдаги ўн минглаб уруғликдан биттасигина аёл кишининг бачадонидаги тухумга илашиб, ундан ҳомила пайдо бўлади. Ана ўша кўзга кўринмас кичик нарса Аллоҳнинг иродаси билан мураккаб инсонга айланганида ўғил ёки қизга ажралади. Ер юзида яшаб турган миллиардлаб эркак-аёлдан ҳар бирининг ўзига хос хусусиятлари, бир-бирига ўхшамас томонлари бор. Кўзга кўринмас ўша уруғликка шу хусусиятларни жойлаган Аллоҳнинг қудратига қойил қолмай бўладими?! Бунга Аллоҳдан ўзга ким қодир бўлади? Ҳеч ким! Фақат Парвардигорнинг Ўзигина бунга қодирдир. Эй Пайғамбар, сизнинг Парвардигорингиз ҳар бир нарсани, шу жумладан, арзимаган сувдан мураккаб инсонни ҳам яратишга қодир Зотдир. Лекин ўша арзимаган сувдан Аллоҳнинг қудрати билан яралган инсонларнинг кўплари ўз Холиқларини-яратувчиларини танимайдилар,Унга имон келтирмайдилар.
Аллоҳнинг инсонни “сувдан яратиши”га бошқа далиллар ҳам бор. Замона олимлари “протоплазма, яъни бутун тирик мавжудотнинг асоси кўп жиҳатдан сувдан иборат”, дейишади. Инсон танасининг тахминан 60 фоизи, чақалоқ танасининг 75 фоизи сувдан иборат, эркак вужудида 47, аёлникида 30 литр атрофида сув бўлади. Бир инсон олтмиш йиллик умри мобайнида тахминан 60 тонна сув истеъмол қилади. Инсон сувсизликка энгузоғи билан 11 кунга чидаши мумкин, шунда ҳам ҳаво салқин бўлса. 36 даражали иссиқда одам ташналикка уч кунгагина бардош бера олади. Одам танасидаги сув миқдори 5-8 фоизга камайса, оғиз қуруқшайди, тери бужмаяди, онг ўтмаслашади, кўзга ҳар хил нарсалар кўрина бошлайди. Бу рақам 14-15 фоизга етса, инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

55. Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига фойда ҳам, зарар ҳам етказмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар. Кофир ўз Парвардигорига қарши (шайтонга) ёрдам берувчидир.
Кофирлар Аллоҳни қўйиб, турли нарсалар - бут-санамлар, тоғутларга сиғинадилар, уларга эргашиб, қинғир йўлларидан юрадилар. Ҳолбуки, ибодат қилаётган ўша нарсалари уларга фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайди. Агар бир инсон Аллоҳнинг оятларини рад этиб, Унинг динига қарши курашадиган бўлса, бу иши билан Парвардигорига қарши курашаётганларга ёрдам берган бўлади. Аллоҳнинг Пайғамбарига қарши чиқиш ҳам Парвардигорнинг Ўзига қарши чиқишдир. Аллоҳнинг Китобини инкор этиб, ундаги амр-фармонларга бўйсунмаслик ҳам Аллоҳнинг Ўзига қарши чиқишдир. Авф ибн Молик Ашжаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тўққиз, саккиз ёки етти киши эдик. Шунда у зот: «Расулуллоҳга байъат қилмайсизларми?» дедилар. «Биз сизга байъат қилганмиз», дедик. «Расулуллоҳга байъат қилмайсизларми?» дедилар. «Биз сизга байъат қилганмиз», дедик. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилмайсизларми?» дедилар. «Биз қўлларимизни узатдик ва: «Биз сизга байъат қилганмиз. Яна нимага байъат қилайлик?» дедик. «Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмасликка, беш (вақт) намозга, итоат қилишингизга, - махфий сўзни пичирлаб айтдилар - одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка», дедилар. Ўша одамлардан баъзиларининг қамчиси тушиб кетганда бировдан уни олиб беришни ҳам сўрамаганини кўрдим» (Муслим ривояти).

56. (Эй Муҳаммад), сизни фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз.
Яъни, «Эй Пайғамбар, сизнинг вазифангиз имон келтирганларга хушхабарни, кофир, мушрик ва мунофиқларга огоҳлантиришни етказиш, холос. Сизни фақат шу вазифа билан инсонлар орасига юборганмиз.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига аввалда Макка аҳлини, сўнг бутун инсониятни Аллоҳнинг улкан мукофотлари - Унинг жаннатларидаги абадий ҳаёт, Парвардигорнинг дийдорига мушаррафлик хушхабарини бериш, Аллоҳни инкор қилиб, Ўнинг оятларини ёлғонга чиқарганларга эса мангу азоб жойи бўлмиш дўзахдан огоҳлантиришни буюрган. Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд ибн Убода: «Агар хотиним билан бегона эркакни кўрсам, уни қиличнинг тиғидан ўтказар эдим», деди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганда: «Саъднинг рашкидан ажабланаяпсизларми? Мен ундан кўра рашкчироқман, Аллоҳ мендан кўра рашкчироқ. Аллоҳ рашки сабабли ошкор ва махфий фаҳш ишларни ҳаром қилган. Аллоҳдан кўра узрни яхши кўрадиган бирор зот йўқ. Шунинг учун ҳам У башорат берувчи ва огоҳлантирувчиларни юборган. Аллоҳдан кўра ўзининг мадҳ қили-нишини яхши кўрадиган бирор зот йўқ. Шунинг учун ҳам У жаннатни ваъда қилган», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

57. «Бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, фақат ким хоҳласа, Парвардигори томон йўл олсин», деб айтинг.
Пайғамбар алайҳиссалом бу ишлари учун инсонлардан бирор ҳақ ёки мукофот сўрамаганлар, улардан бирор имтиёз ҳам талаб қилмаганлар. Инсонларни залолат чангалзорларидан кутқариб, ҳидоятнинг ойдин йўлига олиб чиқиш, уларга икки дунё саодатига элтувчи боқий динни етказишгина у зот Парвардигоридан умид қилган мукофот эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотга эргашган Ислом даъватчиларининг кишиларни ушбу илоҳий динга чақиришдан кўзлаган бирдан-бир мақсадлари ҳам шу эди. Улар қилган даъватларига ажр-мукофот сўрамайдилар. Исломда эътиқод - динга кириш ёки унинг аъзолари сафида бўлиш учун тўланадиган бадал ёки солиғу мажбуриятлар йўқ. Ҳар бир ҳаракат, интилиш, жидду жаҳднинг остида инсонларни ҳидоятга чорлаш, уларга икки дунё саодатига олиб борувчи тўғри йўлни кўрсатиб қўйиш мақсади ётади. Фақат шу керак, холос. Хоҳлаган киши Аллоҳга томон йўл олсин, Унга имон келтирсин, итоатда бўлиб, ибодат қилсин. Бошқалар эса унинг йўлини тўсмасин, бундан қайтармасин. Аллоҳ таоло бу улуғ борлиққа пайғамбарларини инсонлар дунёсидаги энг хатарли касалликлардан бўлмиш маънавий хасталикни муолажа қилиш учун маънавий табиблар қилиб юборди. Барча пайғамбарларгина (алайҳимуссалом) инсон олами маънавиятини текшириш, ўрганиш ва маънавий-тиббий ташхис қўйиш билан машғул бўлишди. Унга руҳий дори-дармон тайин қилишди ва муолажа олиб боришди. Шунингдек, маънавий саломатлик қонунларини ҳам ишлаб чиқишди. Бу ишларнинг ҳаммаси уларга ваҳий қилинган самовий таълимотларга мувофиқ амалга оширилди. Кўриниб турибдики, инсоният пайғамбарларга, яъни маънавий табибларга ҳамиша муҳтож. Башариятнинг пайғамбарлар келтирган шариатлар ва Аллоҳтаоло ваҳий қилган қонун-қоидаларсиз бахтли ҳаёт кечириши асло мумкин эмас.

58. Ва ўлмайдиган, ҳамиша тирик Зотга таваккул қилинг ҳамда Уни ҳамд-сано билан поклаб ёд этинг. Бандаларининг гуноҳларидан хабардорликка Унинг Ўзи кифоядир.
Аллоҳтаолодан бошқа ҳамма нарса ўлишга, йўқ бўлишга маҳкум, фақат Аллоҳнинг Ўзи мангу боқийдир, ҳамиша тирикдир. У азалда ҳам бор эди, охирда ҳам Ўзи қолади. Ҳамиша барҳаёт ва асло ўлмайдиган Зот ягона Аллоҳнинг Ўзидир. Банда фақат ўша Зотга таваккул қилиши, суяниши лозим. Ана шу нарса энг ишончли суянишдир, таваккулдир. Чунки Аллоҳдан бошқаси ўлади, йўқ бўлади. Аллоҳдан ўзгага суянган эса бақосиз нарсага суянган бўлади. Шунингдек, берган неъматлари учун ҳамду сано айтишга муносиб Зот ҳам Аллоҳ таолонинг ягона Ўзидир. Чунки Ундан бошқа неъмат, ризқ берувчи йўқдир. Унга ношукр бўлиб, бошқаларга ҳамд айтганлар катта хато қиладилар. Шунинг учун ҳам мўмин банда Аллоҳ таолони доимо барча нуқсонлардан поклаб ёд этиши лозим. Куфр келтирганларнинг амали ўзлари учундир. Охир-оқибатда ўзларининг гуноҳлари учун Аллоҳ ҳузурида жавоб беришлари турган гап. Чунки Аллоҳ таоло бандаларининг барча гуноҳ-хатоларидан хабардордир.

59. У осмонлару Ерни ва улар орасидаги нарсаларни олти кунда яратган, сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир. У Раҳмондир. Унинг ҳақида хабардордан сўранг.
Осмонлару Ернинг олти кунда яратилгани ва Аллоҳ таолонинг Аршга истиво қилгани ҳақидаги оятлар бошқа сураларда ҳам келган. Ушбу маънолар эътиқод бобида ўта нозик ва ҳассос экани сабабидан уламолар буни жуда эҳтиёткорлик билан баён этишга ҳаракат қилишади. «Олти кун» масаласига келганда баъзи уламолар: «Бу дунёнинг кунларига ўхшаш кунлардир, Аллоҳ «бўл» деса, бўлиб қолар эди-ю, лекин бандаларга шошилмай, пухта ишлашни ўргатиш мақсадида шундай йўл тутган», дейдилар. Бошқалари эса: «Олти кун»нинг қандай кунлар эканини Аллоҳнинг Ўзи билади. Бизнинг кунларимиз осмонлару Ер яратиб бўлингандан кейин, қуёш мажмуасидаги сайёралар низоми жорий бўлганидан кейин вужудга келган тушунчалардир», дейишади. Айримлар эса, “олти кун” яратилиш орасидаги босқичлардир, улар ўртасида жуда катта вақт ўтган, деган фикрни ҳам илгари суришади. Оятдаги “сумма” (сўнгра) сўзи одатда «кейин» маъносидаги тартибни ифода қилади, бу оятдаги «сўнгра» эса Аллоҳнинг буюклиги ва абадийлигини англатади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг буюклигини, қудратининг чексизлигини, У Зотнинг ҳар бир нарса устидан ҳоким эканини, ҳамма нарсани Ўз низоми билан бошқаришини билдиради. Чунки У Раҳмондир, улкан ва доимий раҳмат эгасидир. Агар Унинг мана шу сифатлари ҳақида савол сўрамоқчи бўлсангиз, Аллоҳнинг сифатлари ҳақида яхши билимга эга бўлган хабардор зотлардан, яъни зикр аҳлидан, солиҳ олимлардан сўранг.

60. Қачон уларга: «Раҳмонга сажда қилинглар!» дейилса, улар: «Раҳмон нимадир? Сен буюрган нарсага сажда қилаверамизми?» дейишади. Бу уларнинг нафратларини зиёда қилади.
Ушбу ояти карима Қуръони каримдаги сажда оятларидан биридир. Уни ўқиган ёки эшитган одамга қироат саждаси қилиш вожиб бўлади. Куфр келтирган кимсаларга “Сизларни яратган Раҳмон сифатли буюк Зотга сажда қилинглар” дейилса, улар ҳаддиларидан ошиб, сўзсиз сажда қилиш ўрнига “Ўша Раҳмон нимадир, бизлар сен буюришинг билан унга сажда қилиб кетаверамизми?” деб шаккоклик қилишди. Ибн Касир тафсирида уларнинг “Бизлар Уни танимаймиз ҳам, Унга ишонмаймиз ҳам” дейишгани келтирилади. Кофирларнинг ўзларини бундай тутишлари уларнинг ниҳоятда ҳаддан ошганларини, туғёнга кетганларини кўрсатмоқда. Раҳм-шафқат эгаси, мўмингаю кофирга ҳаёт, ризқу рўз, турли неъматлар берувчи Раҳмон сифатли Зот Аллоҳга сажда қилишга чақирилса, улар осийликка бориб, кибрлари сабабли сажда қилишдан бош тортишди. Ҳатто «Раҳмон ким?» дейишни ҳам ўзларига эп кўрмай, «Раҳмон нимадир?» дейишмоқда. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сен бу-юрган нарсага сажда қилаверамизми?» дейишгача боришди. Бундан ҳам ортиқ калтабинлик, бундан ҳам зиёда мутакаббирлик бўладими? Уларнинг бу қилмишлари, гап-сўзлари уларни имондан, диндан, ҳидоятдан янада узоқлаштиради, холос. Ваҳоланки, Ер юзидаги барча мавжудот ягона Яратувчиси ва Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамиша сажда қилиб, У зотни поклайди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Истасаю истамаса ҳам осмонлар ва Ердаги барча жонзот ҳамда уларнинг соялари эртаю кеч Аллоҳга сажда ҳилишади” (Раъд, 15); “(Эй Муҳаммад), осмонлардаги ва Ердаги бор жонзотлар, куёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамларнинг кўплари Аллоҳга албатта сажда ҳилишини кўрмадингизми? Кўпларга эса азоб ҳак, бўлгандир. Кимни Аллоҳ хор ҳилса, уни азиз ҳилувчи бўлмайди. Аллоҳхоҳлаганини албатта ҳилади” (Ҳаж, 18).

61. Осмонда буржларни қилган, унда чироқни ва нур сочувчи ойни пайдо қилган Зот баракотлидир.
Осмондаги юлдузларнинг буржларини ҳам, улкан коинотга чироқ сифатида қуёшни ҳам, нур сочиб, ҳамма ёқни ёритиб турувчи ойни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. Ундан бошқа ҳеч бир зот буларни яратишга қодир эмас. Чунки улар шунчалар улканки, бир жузъини яратишга на инсон, на фаришта, на жин, на бошқа мавжудот қодир бўла олади. Биргина Қуёш салмоғининг ўзиёқ инсон ақлини шошириб қўяди. Қуёш Ердан шунчалар каттаки, бу - Қуёш ичига сайёрадан бир миллиард икки юз тўқсон етти миллионтасини жойлаш мумкин, дегани. Қуёш Ердан 324 минг марта оғир ҳам. Ердан Қуёшгача бўлган масофа 149 миллион 600 минг километр. Қуёш марказидаги иссиқлик ўн беш миллион даражани ташкил этади. Инсоният қурган энергия тармоқларидан уч миллиард донаси бир йил тўхтовсиз ишласа, Қуёшнинг бир сонияда чиқарган энергиясини ишлаб чиқаради, холос. Бу ҳам Аллоҳтаолонинг буюк яратувчилик қудрати ва ҳикматига далолат эмасми? Атрофимизни ўраб турган ҳамда Ер, қуёш, ой ҳамда бошқа сайёра ва юлдузлардан ташкил топган галактика ўлчамлари билан танишайлик: биз ичида яшаб турган галактика (миллиардлаб осмон жисмлари тўплами) «Сомон йўли» деб аталади. Сомон йўли таркибида Қуёш тизимига кирувчи Ер каби тўққиз сайёра, шунингдек икки юз миллиарддан ортиқ катта-кичик юлдуз бор. Энди Аллоҳ яратган борлиқда ана шундай галактикалардан миллиардлаб борлигини бир тасаввур қила оласизми? Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “У Зот сизларга кеча ва кундузни, куёш ва ойни бўйсундириб ҳўйди. Юлдузлар ҳам Унинг амрига бўйсунгандир. Бунда аҳл юритувчи крвмлар учун аломатлар бордир. Ва сизлар учун ерда ранг-баранг нарсаларни ҳам яратди. Бунда насиҳатни оладиган қавмлар учун аломатлар бордир” (Наҳл, 12-13).

62. У эслатма олмоқчи ва шукр қилмоқчи бўлганлар учун кеча-кундузни (ўзаро) ўринбосар қилиб қўйган Зотдир.
Бу олам яратилгандан буён кун ва тун бир-бирининг ортидан қувиб, бирдай алмашиб келади, бири бошқасининг ўрнига ўтиб олмайди. «На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзувчидир. Барчалари фалакда сузиб юради» (Ёсин, 40). Мана шу биргина илоҳий мўъжизанинг ўзи инсонларнинг атрофларидаги борлиқда яратиб қўйилган беҳисоб аломатлардан ибрат олиши ва бунинг учун Парвардигорга шукр қилиши учун етарлидир. Бундай мўъжизалар эса атрофимизда тўлиб-тошиб ётибди. Аллоҳ таоло кеча билан кундузни бири кетиб, бошқаси келадиган қилиб қўймаса, буни бошқа ким ҳам қила олар эди? Ким ибрат олмоқчи бўлса, мана шулардан ибрат олсин. Ким Аллоҳ берган неъматларга шукр қилмоқчи бўлса, мана шунга шукр қилсин. Бундан фақат Раҳмоннинг суюкли бандалари ибрат олади, бунга фақат Раҳмоннинг суюкли бандалари шукр қилади. Раҳмоннинг суюкли бандалари кимлар ва уларга хос бўлган сифатлар келгусидаги ояти карималарда батафсил васф этилади:

63. Раҳмоннинг бандалари ер юзида тавозеъ билан юрадиган ва жоҳиллар сўз қотганида «Салом» дейдиганлардир.
Ушбу ояти каримадан бошлаб 73-оятгача Раҳмон сифатли Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси бўлиш учун инсонга зарур бўлган сифатларнинг бир нечаси васф қилинади. Мустаҳкам имон ва чин ихлос соҳиби бўлмиш бу суюкли бандаларнинг биринчи сифати ер юзида тавозеъ билан юриш ва жоҳиллар мурожаат қилганида “Салом!” дейиш экан. Раҳмоннинг энг суюкли бандаси, пайғамбарларнинг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришлари бунинг татбиғидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзалроқ ҳеч бир жонни кўрмадик. Гўё қуёш у зотнинг юзларида кезаётгандек эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тезроқ юрадиган бирор одамни ҳам кўрмадик. Худди ер у киши томон ўралиб келаётганга ўхшарди. Биз чарчаб қолардик, у киши эса чарчамасдилар». Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди тепаликдан тушиб келаётган одамдек ғоз юрар эдилар», дейилган.
Жоҳиллар Раҳмоннинг суюкли бандаларига ҳамиша гап отиб, турли машмашалар чиқаришга ҳаракат қилишади. Аммо Раҳмоннинг суюкли бандалари улар билан ади-бади айтиб ўтиришмайди, бефойда гап-сўз ва тортишувларни ўзларига ортиқча билишади. Шунинг учун жоҳиллардан қўрқадиган жойлари бўлмаса ҳам уларнинг хитобига «Салом» («Омон бўл») деб қисқагина жавоб қилишади. Ёки ўзларига омонлик келтирувчи бирор гапни айтиб қўйиб, парво ҳам қилмай кетишаверади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деганлар: «Яҳудий бўладими, насроний бўладими, мажусий бўладими, салом берса, алик олинг, чунки Аллоҳ: «Сизларга бир саломлашиш билан салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг», деган». Ғайридин ёки жоҳил кимсалар билан муомалада «салом» ўрнига бошқа сўзлар билан, масалан, «қалайсиз», «соғ бўлинг», «хайрли тун» каби тилаклар билан мурожаат қилиб сўз бошлаш мумкинлиги ҳақида жумҳур уламолар яқцил фикрдалар. Бундан ҳам яхшиси «Ассалому ала маниттабаъ-алҳуда» - «Ҳидоятга эргашганларга салом» дейишдир.

64. Улар тунларни Парвардигорларига сажда ва қиём билан ўтказадиганлардир.
Раҳмоннинг суюкли бандаларининг иккинчи сифати кечаларни ибодат билан ўтказиш экан. Арабларда кечалари бедор бўлиб, уни ибодат билан ўтказиш «қиёмуллайл» - «кечани тик ҳолда ўтказиш» дейилади. Кечаси туриб, намоз ўқиш, Аллоҳга сажда қилиш улуғ ибодат, ҳар бир мусулмон учун ўта зарур амалдир. Айниқса, кечанинг учдан бири қолганида бедор бўлиш, таҳажжуд каби нафл намозлар ўқиш улкан савоб ва яхшиликларга, катта баракага сабаб бўлади. Ҳар бир мўмин банданинг кечалари таҳажжуд намози ўқишга одатланиши зарурлиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида қайта-қайта таъкидланган. Кечаси саккиз ракат нафл намоз ўқиш яхши иш эканини уламоларимиз қаттиқ таъкидлашган. Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир. Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) к,ил, сенга нофила бўлади. Шоядки, Парвардигоринг сени Макрми маҳмудда тирилтирса» (Исро, 79), деган. Ушбу оят орқали таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб тургач ўқиладиган намоз «таҳажжуд намози» деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» дейилади. Аввал бошда бу намоз вожиб бўлган эди, бир йилдан кейин вожиблиги насх (бекор) қилинган. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоятқилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир, ёмонликларга каффоротдир, гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейилган (Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривояти). Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади.

65. Улар: «Парвардигоримиз, Ўзинг бизлардан дўзах азобини нари қилгин, ҳақиқатан дўзах азоби ҳалокатлидир;
Ҳамиша дўзах азобидан қўрқиб, тақво билан юриш Раҳмоннинг суюкли бандаларига хос бўлган учинчи сифатдир. Шунинг учун мўмин банда доимо Парвардигоридан дўзах азобидан паноҳ беришини сўраб, дуо-илтижолар қилиб юриши зарур. Улуғ шайхлардан Яҳё ибн Муъоз «Инсон агар фақирликдан қўрққанидек жаҳаннам оташидан ҳам қўрқсайди, шубҳасиз жаннатга кирарди», деган. Толқ ибн Ҳабиб эса тақвони бундай таърифлаган: «Тақво - Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, унинг нури ила Унга тоат қилмоқ ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, унинг нури ила қайтарган ишларни тарк этмоқдир».

66. у нақадар ёмон қароргоҳ ва энг ёмон мақом» дейдиганлардир.
Раҳмонга суюкли мўминлар имонларига, амалларига, кечаси бедор бўлиб, намоз ўқиб, сажда қилишларигагина суяниб қолишмайди. Улар ҳамиша, ҳар лаҳзада РаҳмоннингЎзига ёлвориб, дўзах азобидан асрашини сўраб, дуо-илтижолар қилиб туришади. Чунки улар дўзах нима эканини жуда яхши тушунишади, бутун вужудлари ва тафаккурлари билан Аллоҳ азза ва жалланинг азобини чуқур ҳис этишади. Бу ҳис-туйғулари эса уларни доимо ўша жаҳаннам азобига дучор этадиган ишларни қилмасликка, Парвардигорларига ёлбориб, ўзларидан дўзах азобини нари қилишини сўраб туришга ундайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ва суннатларида ҳам ҳамиша дўзах азобидан паноҳ сўрашга кучли тарғиб бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо бу нарсадан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ сўрар эдилар. Ҳадиси шарифлардан бирида эса мўминларга шом намозидан кейин «Аллоҳумма ажирна минан-нар», яъни «Аллоҳим, мени дўзах оловидан асрагин», деб етти марта айтишни ўргатганлар.

67. Улар нафақа қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмайдилар, булар ўртасида мўътадилдирлар.
Раҳмоннинг суюкли бандалари учун хос бўлган тўртинчи сифат: мол-пул сарфлашда, яъни нафақа қилишда ўртача бўлишдир. Арабча «нафақа» сўзи мол-пул сарфлаш, кўпроқ аҳли-оиласининг эҳтиёжларини қондиришга молини харжлаш маъносини англатади. Бизда бу сўзни бировга садақа қилиш, эҳсон қилиш маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолгани учун оят маъносини нотўғри тушуниб, “хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиш керагу, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади” деган хато фикрга бормаслик лозим. Мусулмон одам ҳаётда исроф ёки бахилликка йўл қўймай, мол-пул сарфлашда доимо мўътадил йўл тутиши керак. Мол-дунёсини сира исроф қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда мол сарфлашдан бош ҳам тортмаслиги керак.
Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида бу неъматлардан тежам билан, исроф қилмай фойдаланишни ҳам буюрган. «Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарфлаш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Исроф иллати динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг нақадар ёмон хислат экани ҳақида ўнлаб ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам болалари! Ҳар бир масжид олдидан зийнатланиб олинглар! Шунингдек, еб-ичинглар, аммо исроф ҳилманглар, зеро, Аллоҳ исрофгарларни яхши кўрмайди” (Аъроф, 31). Дарҳақиқат, хасислик-бахиллик қанчалик ёмон иллат бўлса, бор нарсасини бўлар-бўлмасга исроф қилиш, уни беҳуда сарфлаш ҳам шунчалик ёмон хислатлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алай-ҳиссаломнинг “Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди” (Термизий ривояти) деган муборак ҳадислари бор. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сени икки хислат - фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар» (Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар». Ҳаётда ўртача йўлда, мўътадил юриш кишининг ярим молидир. Ўрта йўл эса эҳтиёжга ярашасига рози бўлишдир. Солиҳларимиздан бири шундай деган: “Ким ҳалол йўл билан пул топиб, керагича эҳсон қилса, иши олға босади”.

68. Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа илоҳга илтижо қилишмайди, Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдиришмайди ва зино қилишмайди. Ким мана шуларни қилса, уқубатга дучор бўлади.
Ушбу ояти каримада Раҳмоннинг суюкли бандаларига хос бўлган сифатларнинг бирданига учтаси васф қилинмоқда. Суюкли бандаларнинг сифатларидан бешинчиси: “тавҳид”, яъни ягона Аллоҳнинг Ўзигагина сиғиниш, Ундан бошқа ҳеч бир “илоҳ” ва бутларга топинмасликдир. Бу мўмин банда учун энг улуғ сифатдир, бошқа кўпгина олий сифатлар ҳам шундан келиб чиқади. Бу сифат бўлмаса, бошқа сифатларнинг фойдаси бўлмайди. Зотан, муваҳҳидлик сифати бўлмаган инсондан бошқа яхши сифатларни кутиш ақлсизликдир. Аллоҳ таоло тавҳид калимасининг жаннатга элтувчи йўл экани, Ўзига ҳеч нарсани шерик қилмаган мўминларнинг дўзах оташидан нажот топишлари, аксинча ким Аллоҳга ширк келтирса, борар жойи дўзах бўлиши башоратини берган: «КимА ллоҳга ширк келтирса, албатта, унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қҳилур ва борар жойи дўзахдир» (Моида, 72). Барча пайғамбарлар каби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоху алайҳи васаллам ҳам умматни тавҳидга, фақат Аллоҳга қуллик қилишга чақирганлар. Бу ҳақда бир қанча ҳадиси шарифлар келган. Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Имон етмиш неча ҳам қисмдир. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси, энг қуйиси азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашдир ва ҳаё имондандир», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). Муоз ибн Жабал розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Мен эшакда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг ортларида мингашиб олган эдим. У киши билан орамизда фақат эгарнинг орқа қисми бор эди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққини ва бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққини биласанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дедим. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг бандалардаги хаққи уларнинг Аллоҳга бандалик қилишлари, Унга бирор нарсани шерик қилмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса, Ўзига бирор нарсани шерик қилмаган кишини азобламаслигидир», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, буни одамларга айтаверайми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Уларга айтма, бунга суяниб қолишади», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Тавҳидни шиор қилиб олганларнинг жаннатий бўлишлари ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кўплаб ҳадислар келган: Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг олдиларига бир аъробий келиб: «Менга бир амални кўрсатингки, унга амал қилиш билан жаннатга кирайин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга ибодат қиласан,Унга бирон нарсани шерик этмайсан, фарз намозларни адо қиласан, фарз закотларни ато этасан ва Рамазон рўзасини тутасан», дедилар. Шунда у: «Жоним измида бўлган Зотга қасамки, бунга бирор нарса кўшмайман ҳам, камайтирмайман ҳам», деди. Аъробий бурилиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жаннат аҳлидан бўлган кишини кўрмоқчи бўлса, мана бу кишига қарасин», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Раҳмоннинг суюкли бандаларига хос бўлган олтинчи сифат: бировни ноҳақдан ўлдирмасликдир. Инсон ҳаёти, ким бўлишидан қатъи назар, катта қийматга эга. Ислом ноҳақдан бир одамни ўлдиришни бутун инсониятни ўлдиришга тенглаштирган. Исломда ҳар бир инсон ўз жонининг омонда эканига чуқур ишонган ҳолда яшаши зарур. Бировни ноҳақ ўлдирадиган одам Раҳмоннинг суюкли бандаси бўла олмайди. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани қилган ҳолда яна қандай қилиб Унга суюкли банда бўлиш мумкин?!
Раҳмоннинг суюкли бандаларининг еттинчи сифати зино қилмасликдир. Аллоҳ таоло айтади: «Бузук, ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийига ҳам яқинлашманглар» (Анъом, 151). «Ошкораси», яъни, каттаси - зино, махфийси ўпиш, силаш-сийпаш каби зинога олиб борувчи ишлардир. Буларнинг ҳаммаси зино саналади. Аллоҳ таоло зинони Тавротда, Забурда, Инжил ва Қуръон (Фурқон)нинг кўп оятларида ҳаром қилган. У катта гуноҳдир, у билан мусулмонларнинг ҳурмати оёқ ости бўлади, насаблар аралашиб кетади. Баъзи саҳобалар розияллоҳу анҳум айтишади: «Зинодан сақланинглар. Чунки унда олтита офат бор, учтаси дунёда, учтаси охиратда. Дунёдаги учтаси: ризқнинг камайиши, яъни, ризқидан барака кетади; яхшиликлардан маҳрум бўлади ва одамларнинг қалбида ёмон кишига айланади. Охиратдаги учтаси: Аллоҳ ғазаб қилади; қаттиқ ҳисоб қилинади; дўзахга киради. У дўзахни Аллоҳ таоло “катта дўзах” деб номлаган.
Зинода ҳам моддий, ҳам маънавий равишда одам ўлдиришнинг кўриниши бор. Зинокорлар бола кўришдан қочадилар, айниқса зинодан бола бўлиб қолмаслигига қаттиқ уринадилар. Бу ҳам ўзига хос одам ўлдиришдир. Яъни, улар Аллоҳ таолонинг фарзанд бериш учун ато этган имкониятини йўққа чиқаришади. Маънавий жиҳатдан одам ўлдиришга келсак, зино кишиларда руҳни ўлдирувчи пасткашликдир. Шундан келиб чиқадиган оқибатлар зинокорларни ҳам, уларнинг қариндошлари, яқин кишиларини ҳам маънавий жиҳатдан ҳалок қилади. Албатта, бу ҳол ҳалол-ҳаромнинг фарқига борган, инсонлик қадрини тушуниб етган жамиятларда бўлмайди. Бу ишни қилган одамнинг Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишини эса ҳатто тасаввур қилиб кўриш ҳам мумкин эмас. Фақат Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишдан умидворларгина зино қилмайдилар.

69. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилади ва унда хор бўлиб, мангу қолади.
Аллоҳ таолога ва Унинг Пайғамбарига осийлик қилган кимсаларнинг азоби қиёмат куни бир неча баробар кўпайтирилади ва улар дўзахда хор-залил ҳолларида мангу қолиб кетишади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилинади: “Мушрик кимсалар кўплаб одамларни ноҳақўлдиришди, зинони ҳам кўп қилишди. Кейин эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Сен гапираётган ва даъват қилаётган гаплар чиройли, яхши нарсалар. Бизга айтчи, қилган ишларимизга каффорат бормикин?” дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди” (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Гуноҳларнинг қай бири энг каттаси?” деб сўрадим. У зот: “Аллоҳ сени яратган ҳолида Унга шерик қўшишингдир”, дедилар. Мен: “Кейин қайсиси?” дедим. У зот: “Таомингга шерик бўлишидан қўрқиб болангни ўлдиришингдир”, дедилар. Мен: “Кейин қай бири?” дедим. У зот: “Қўшнингнинг аёли билан зино қилишингдир”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ато Ибн Аббос розияллоху анҳумодан шундай ривоят қилади: “Ваҳший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, хузурингизга ҳимоя - паноҳ сўраб келдим. Мени ҳимоянгизга олинг, токи мен Аллоҳнинг каломини эшитай”, деди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “Мен сенинг ҳимоямда бўлмаслигингни хоҳлар эдим. Энди мендан ҳимоя сўраб келибсан, то Аллоҳнинг каломини эшитгунингча менинг ҳимоямдасан”, дедилар. Ваҳший: “Мен Аллоҳга ширк келтирдим, Аллоҳ таоло ҳаром қилган жонни ўлдирдим ва зино қилдим. Аллоҳ менинг тавбамни қабул қилармиди?” деди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам сукут қилдилар. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам ушбу оятни унга ўқиб бердилар. Шунда у: “Мен шартни кўрмаяпман. Мен бирор солиҳ амал қилмаган бўлсам керак. Мен то Аллоҳнинг каломини эшитгунимча сизнинг ҳимоянгиздаман”, деди. Шунда: “Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Бундан бошқасини Ўзи хоҳлаган кишилардан кечиради...” ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ваҳшийни чақириб, ушбу оятни ўқиб бердилар. Шунда у: “Мен Аллоҳ кечиришни хоҳлаган кишилардан бўлмасам керак. Мен то Аллоҳнинг каломини эшитгунимча сизнинг ҳимоянгиздаман”, деди. Шунда: “Айтинг: “Эй ўзларига зулм қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан умид узманглар...” ояти нозил бўлди. Шунда у: “Ҳа, энди шарт кўрмаяпман”, дедида, Исломга кирди”.

70. Фақат ким тавба қилса, имон келтириб, солиҳ амал қилса, Аллоҳ ана шуларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштиради. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Олдинги оятда дунёда тавба қилмай ўтганларнинг охиратда гирифтор бўладиган жазо ва азоблари васф қилинган бўлса, ушбу оятда бандалар учун тавба эшикларининг ҳамиша очиқлиги, ким қилган гуноҳларига дарҳол тавба қилиб, имон келтирса, яхши амаллар қилишга ўтса, Аллоҳ бундай инсонларнинг олдинги ёмонликларини яхшиликка алмаштириб кўйиши ҳақида сўз бормоқда. Яъни, банда қилган гуноҳидан тамомила қайтса, тавба-тазарру қилса, иккинчи бор гуноҳ қилмаса, имон келтириб, мўмин бўлса ва имон тақозосига кўра солиҳ амал этса, мазкур азобга дучор бўладиганлардан мустасно бўлади. Вақтида қилган хатосини англаб, тавбага борган, имон келтириб, солиҳ амал қилган бандаларни Аллоҳ таоло муносиб тақдирлайди.
Ҳадисда келишича, «Абу Фарва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Айтингчи, бир одам ҳамма гуноҳларни қилган бўлса, каттаю кичигини қўймаган бўлса, тавба қилса бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “Исломга кирдингми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликларни қилавер, ёмонликларни тарк эт. Аллоҳ сенга ҳаммасини яхшилик қилиб беради”, дедилар. У: “Алдамчиликлариму фожирликларимни ҳамми?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар. У такбир айтиб («Аллоҳу акбар» деб), қайтиб кетди. Кўздан кўринмай қолгунча такбири эшитилиб турди» (Табароний ривояти).

71. Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, албатта у Аллоҳга яхши қайтган бўлади.
Бундан аввалги оятда кофир ва мушрик кимсанинг имонга келишдаги тавбаси ҳақида сўз юритилган бўлса, ушбу оятда мўминларнинг гуноҳларига қилган тавбалари ҳақида зикр қилинмоқда. Тавба қилиш гуноҳга афсус-надомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни қайтармасликка дилда қаттиқ аҳд қилинади. Кейин бу аҳд дилда тасдиқланади. Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта экани унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ - яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Чунки гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир, шунинг учун тавба ҳам амалсиз бўлмайди. Гуноҳлар қотирган қалбни тавбагина юмшатади. Тавба қалб шифоси, унга роҳат бағишловчи улкан неъматдир. Мўмин киши гуноҳларини кичик санамай, дарров тавбага шошилишни, гуноҳларидан фориғ бўлишни, Парвардигори ваъда қилган жаннат мукофотини қўлга киритишни ўйлаши лозим. Тавба жаннат ва дўзах ўртасига қўйилган бир тўсиқ кабидир. Гуноҳдан сўнг дарҳол тавба қилиш вожибдир. Чунки гуноҳларни ҳис қилмаслик, ўнгланишни ўйламаслик, фақат ёмонликка берилиш шайтоний феъллардан саналади, ёмонлиқцан тезда яхшиликка қайтиш эса инсоний заруратдир. Тавбани кечиктириш мумкин эмаслигини англаган киши дарҳол яхши амалга ўтади, ўзини ёмон ишлардан тия бошлайди. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдай гуноҳ-хатолари Аллоҳ таоло томонидан кечирилган, маъсум, юксак ахлоқ соҳиби бўлган зот ҳам ҳар куни бир неча бор тавба қилганлар ва умматни ҳам шунга чақирганлар: “Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар ва Ундан доимо гуноҳларингни кечиришини сўранглар! Мен Аллоҳга ҳар куни юз марта тавба қиламан» (Муслим ривояти). Банданинг тавбаси Аллоҳ таоло томонидан қабул бўлишининг бир неча шартлари бор. Булардан биринчиси пушаймонликдир. Яъни банда қилган гуноҳ-хатоларидан пушаймон бўлиши, уларга изтироб чекиши, жони қийналиши, ич-ичини ейиши, ҳузур-ҳаловати кетиб, уйқу ва оромдан кечишидир.

72. Улар ёлғон гувоҳлик беришмайди ва беҳуда нарсалар олдидан ўтаётганларида олийжаноблик билан ўтишади.
Раҳмоннинг суюкли бандалари учун хос бўлган саккизинчи сифат: ёлғон гувоҳлик бермаслиқцир. Ёлғон гувоҳлик беришнинг улкан гуноҳ экани бошқа оятларда ҳам кўп марта таъкидланган. Шунингдек, ҳадиси шарифларда бу қабиҳ иллат қаттиқ қораланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ҳолларда ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳга ширк келтириш билан бир ўринда зикр қилганлар. Бировнинг зиддига ёки фойдасига ёлғон гувоҳлик бериш улкан гуноҳлардан бўлгани учун бундай одамлар ҳеч қачон Аллоҳнинг суюкли бандаси бўла олмайди. Ёлғон гувоҳлик бериш ёлғоннинг энг хатарли турларидандир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки қадами (турган жойидан) қўзғалмай туриб Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, деганлар” (Ибн Можа, Ҳоким ривояти). Абдуллоҳ ибн Масъуд эса шундай деган: “Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган” (Табароний ривояти). Имом Шамсуддин Заҳабий ёлғон гувоҳлик беришнинг ушбу гуноҳларга сабаб бўлишини айтади: 1) ёлғон ва уйдирма гуноҳига сабаб бўлади; 2) зулм гуноҳига сабаб бўлади, киши кимнинг зарарига гувоҳлик берган бўлса унга зулм қилган бўлади; 3) шунингдек, кимнинг фойдасига ёлғон гувоҳлик берса ҳам, унга зулм қилган бўлади, чунки унинг гувоҳлиги туфайли ўша одам молни ноҳақ эгаллаб олади ва дўзахга маҳкум бўлади; 4) Аллоҳ таоло ҳаром қилган ва сақлаган ўзганинг мол-мулки, қони ва обрўсига тажовуз қилган бўлади.
Раҳмоннинг суюкли бандалари учун хос бўлган тўққизинчи сифат: бехуда нарсалар, бефойда, лағв гап-сўз ва амаллар қаршисидаўз обрўсини сақлай билиш, олийжаноблик кўрсатишдир. Мусулмон киши бехуда, фойдасиз гап-сўз ва ишларга ўралашиб қолмайди. Бундай гап-сўз ёки ишларда қатнашмайди, мабодо бошқалар томонидан бу нарса содир этиладиган бўлса, унинг олдидан хурматини сақлаб, обрўсини эҳтиётлаган ҳолда олийжаноблик билан ўтиб кетади. Юсуф ибн Асботнинг айтишича, «Хусни хулқнинг аломати ўн хислатдадир: ўзгалар билан ихтилофга бормаслик, чиройли инсоф, бировларнинг тойилиб кетишини истамаслик, бошқаларнинг билинган камчилигини яхшиликка йўйиш, узр сўрай олиш, азиятларга чидаш, нафсини назорат қилиб туриш, ўзганинг эмас, ўз айбини билиш, каттаю кичикка бирдай очиқ юзли бўлиш, ўзидан юқори ёки паст кишига хдм мулойим сўзлаш».

73. Уларга Парвардигорларининг оятлари эслатилганда уларга кар ва кўрлардек ташланмайдилар.
Рахдооннинг суюкли бандаларига хос бўлган сифатларнинг ўнинчиси: улар ақл ишлатиб, онг ва фаросат билан динларига амал қилишади. Улар бутпараст мушрикларга ўхшаб, ўзлари англамаган нарсага ёпишиб олмайдилар, улар каби Аллоҳнинг оятлари эслатилганда уларга кўр ва кар одамлардек билиб-билмай, эшитиб-эшитмай ташланишмайди ва ёпишиб ҳам олишмайди. Ҳамма нарсани ақл тарозисига солиб кўришади, онг ва фаросат билан яхшини ёмондан, ҳақни ботилдан ажратиб олишади. Яна улар ёлғон сўзлашмайди, гуноҳ мажлисларига боришмайди, қайси бир жойда беҳуда ишлар ёки гаплар бўлса, унга қулоқ солишмайди. Қаерда бир олим киши Қуръон ва Ҳадисдан гапириб, насиҳат қилса, карлар ва кўрлар каби маърифатдан бехабар ўтмай, уни англаб олишади. Аллоҳ таоло айтади: “У Ўз бандаси (Муҳаммад)га сизларни зулматлардан (куфрдан) нурга (имонга) олиб чиқииш учун аниқ оятларни нозил қилгандир. Аллоҳ сизларга албатта меҳрибон ва раҳмлидир” (Ҳадид, 9).
Мусулмонлар эса Парвардигорларининг каломи бўлмиш Қуръони карим оятлари уларга эслатилганда яхшилаб эшитадилар, англаб-тушунадилар ва амал қилишга ўтадилар.

74. Улар «Парвардигоримиз, Ўзинг жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга пешво қил», дейдиганлардир.
Раҳмоннинг суюкли бандаларининг ўн биринчи сифати: доимо аҳли аёллари ва фарзандлари ҳам Ислом йўлида юришининг пайида бўлишлари ҳамда тақводорларнинг пешвоси бўлишга уринишларидир. Яъни, улар ўзлари имонга келиб, солиҳ амаллар қилишлари баробарида оила аъзолари, зурриётларини ҳам чин мусулмонлар бўлишлари учун ҳаракат қилишади. Комил мўмин фақат ўзини ўйламай, аҳли-аёли ва кўз қувончи бўлмиш фарзандларининг, қариндошлари ва яқинларининг Аллоҳнинг тоатида бўлишларига, дин ва дунё илми таҳсили билан шуғулланишларига, Аллоҳнинг амрларини бажариб, қайтариқларидан четда бўлишларига, ватан, жамият, халқ манфаати йўлида фойдали ва савобли ишларни қилишга ҳаракат этади. Ана шу кишилар ўзларининг жидду жаҳдлари эвазига жаннатдаги энг олий даражалар билан тақдирланишади. Дунёнинг барча неъматлари ва хурсандчиликлари ушбу вазифалар олдида қадрсиз ва аҳамиятсиздир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Эй имон келтирганлар, ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақланггизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар бор” (Таҳрим, 6). Раҳмоннинг суюкли бандалари яна Парвардигорларига “Бизларни тақводорларга пешво қил” деб ҳам илтижо қилишади. Тақвонинг фазилати, тақводорлар охират дунёсида мушарраф бўладиган улкан савоб ва мукофотлар ҳақида ўтмишдаги солиҳ аждодларимизнинг ажойиб фикрлари ҳам бор. Саҳобаларнинг улуғларидан Абдуллоҳ ибн Масъуд “Энг яхши озуқа тақводир, энг ёмон кўрлик қалб кўрлигидир. Хатоларнинг каттаси ёлғондир. Касбларнинг ёмони судхўрликдир. Емишнинг энг ёмони етим молидир. Ким афв қилса, Аллоҳуни афв қилади. Ким кечириб юборса, Аллоҳ ҳам уни кечиради”, деганлар. “Тақводор киши ўз нафсини қаттиққўл султон ва зиқна шериқцан ҳам кўра қаттиқроқ ҳисоб-китоб қилади” дейди Маймун ибн Маҳрон. Анас ибн Молик айтади: “Банда тилини асрамаса, тақводор бўлолмайди”. “Тақво ва парҳезкорлик ҳалол емакдан бўлади. Парҳезкорлик - ҳарому макруҳ нарсалардан ўзни сақламоқликдир” деган эди Абу Ҳафс Ҳаддод.

75. Ана ўшалар сабр қилганлари учун баланд болохоналар билан мукофотланишади ҳамда унда табрик ва салом билан қаршиланишади.
Яъни, юқоридаги сифатларга эга бўлиб,уларда бардавом туришда сабр қилганлари учун Раҳмоннинг севикли бандалари «болохона»лар билан мукофотланишади. Ушбу оятдаги “болохоналар” деб таржима қилинган арабча “ғурфа” сўзи олиймақом, хос хона маъносини билдиради. Айрим муфассирлар ушбу сўзга «олий даража», «жаннат», «жаннатдаги алоҳида хона» маъноларини беришган. Демак, ҳаммасини қўшиб, жаннатдаги олиймақом хос хона дейилса, мақсадга мувофиқ бўлса керак. Раҳмоннинг суюкли бандаларига хос бўлган юқоридаги сифатларнинг эгалари бўлмиш мўминлар бундаги сабрлари учун юксак даражалар билан тақдирланишади, жаннатда юксак ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинишади, уларни фаришталар салом ва табриклар билан қарши олишади.

76. Унда мангу қолувчидирлар. У нақадар гўзал қароргоҳ ва мақомдир.
Яъни, Раҳмоннинг суюкли бандалари ўша жаннатдаги баланд хос хоналарида Парвардигорларининг инояти билан абадий қоладилар. Уларнинг бу даражалар билан мукофотланишлари вақтинчалик нарса эмас. Улар сазовор бўлган мақом ва хос хоналар жаннатдаги энг гўзал мақом-турар жой ва энг чиройли қароргоҳдир. Жаннатнинг мисоли ҳам аслида бизлар билган тушунчалардан бошқачароқ. Жаннат - кўкат ва мева сотиладиган бозор ҳам эмас, сирли ва ажойиб қушларга макон бўлган боғ ҳам эмас. Унинг Қуръони каримдаги сифатлари жаннатни тушунишга яқинлаштирилган изоҳот ва тушунчалардир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: «Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли - сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли бўлган (хуштаъм) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир». (Муҳаммад, 15); «Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб кўйилган кўзлар кувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмайди» (Сажда, 17); Жаннат - оддийгина боғ эмас, балки унда «тугаб қолмайдиган ва ман этилмайдиган кўпдан-кўп мева-чевалар» бор (Воқеа, 32). Бу мевалар оддий эмас, тугамайдиган, узиш осон бўлган мевалардир. Ичимликлар ҳақида Аллоҳ таоло бундай дейди: «Улардан бошлари ҳам оғримайди, маст ҳам бўлишмайди» (Воқеа, 19). Қуръони каримда жаннатдаги жамоалар шундай таърифланади: «Уларнинг дилларидан ғиллу ғашликларини тортиб оламиз» (Аъроф, 43). Бу ерда қалбларимиз қандай йўл билан, қай кўринишда покланганини билолмаймиз. Биз ишонамизки, жаннат бир пайтда ҳам ҳис қилинувчи ва ҳам маънавий роҳат-фароғатдир. Шунингдек, дўзах ҳам - маънавий ва жисмоний жазодир. Биз бу фароғат ва жазонинг ўлчовларинигина таъкидлай оламиз, унинг хусусиятлари эса - буюк Аллоҳ таолонинг яширин сир-асрорларидир.
Суранинг охирида яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, Аллоҳ наздида одамлар ҳеч гап эмаслиги, аммо уларнинг илтижоларининг эътибори борлигини эълон қилиш топширилади:

77. «Агар дуоларингиз бўлмаганида Парвардигорим сизларга асло парво қилмасди. Энди ёлғонга чиқардингиз. Энди сизларга жазо муқаррардир», деб айтинг.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга мушрикларга шундай хитоб қилишни буюрмоқда: «Эй Муҳаммад, одамларга «Агар ичингиздаги оз сонли мўминларнинг дуоси бўлмаганида Аллоҳ таолонинг сизларга парвоси ҳам бўлмас эди. Чунки Аллоҳнинг динини, Пайғамбарини ва Қуръонини ёлғонга чиқариб бўлдингиз. Шу қилганларингиз учун сизларга азоб муқаррар бўлди».
Аллоҳ таоло жаҳаннамда абадий қолувчилар - яъни ҳаётларида қилолмай қолган яхши амалларни бажариш учун ёруғ дунёга қайтаришни сўраганларга қарата шундай хитоб қилади: «Агар қайтарилсалар, шубҳасиз, ўзларига ман қилинган ишларга кайтадилар - улар албатта ёлғончидирлар» (Анъом, 28). Уларнинг гуноҳлари маълум вақт ичидаги гуноҳлар эмас, доимий, мунтазам қилинган гуноҳлардир, барча даврларда ҳам қайта-қайта такрорланаверган. Агар ана шундай кимсалар Ер юзида мангу яшаганларида ҳам абадий гуноҳ қилишаверарди. Агар улар Ер юзига қайтарилганида ҳам илгари қилган гуноҳларини қайтарган бўлишарди. Ҳақиқатда улар - каззоб-ёлғончилардир. Демак, бу хусусият ҳоли ҳаётдаги кутилмаган вазиятлардаги тасодифий хатолар эмас, балки улар қалбининг абадий таърифидир. Асрорлар юзидан пардалар олинадиган Кунда Аллоҳ таоло ҳузурида туриб ҳам ёлғондан қасам ичишгача борганларда ҳад(чегара)нинг ва мангу гуноҳларнинг бошқа кўриниши ҳам бор. Бу сурбетлик чегараси, замон тушунчаси билан чекланмаган, балки барча даврлардаги доимий гуноҳлардир. Охират дунёсидаги жазо - Аллоҳнинг ўз қулларини мажбурлаши эмас, балки поклаши, тушунтириши, тузатиши ва шафқати ҳамдир. Аллоҳ таоло айтадики: «Албатта Аллоҳнинг тавбаларни фабул қилиши фақат биронта гуноҳни нодонлик билан қилиб кўйиб, сўнгра дарҳол тавба қилган кишилар учундир» (Нисо, 17). Банда ҳамиша адолат билан жазоланади. Аллоҳ таоло имон эгасини жазоламайди, аммо тузалиш ва даъват йўлларининг ҳаммасини рад қилган кофирлар учун жазо белгилайди. Аллоҳнинг иши гуноҳкорларни мангу оловга жўнатиш олдидан кичикроқ жазони тоттириб кўришдир. Токи уларни ғафлат уйқусидан уйғотиш, уларни бепарволик ва мудроқликдан халос этиш, улар ақлини топиб, ҳақ йўлга қайтишларига чорлаш. Агар бордию Аллоҳ таоло уларни шу кўрлигида, ғафлатда, лоқайдликда қолдириб қўйганида ҳақиқатан ноҳақлик бўлур эди. Аллоҳ бу нуқсондан поқдир, У бундан олий ва улуғдир. Дўзах азоби билан қўрқитиш эса - Аллоҳ ғамхўрлигининг кўринишидир. Аллоҳнинг бутун иши - раҳм ва меҳрибонлиқдир.

Орқага Олдинга