loader

026. Шуаро (шоирлар) сураси

Маккада нозил бўлган, 227 оятдан иборат

“Шуаро” сўзининг луғатда «шоирлар» деган маъноси бор, Қуръони каримнинг йигирма олтинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 227 оятдан иборат. Сурада Қуръони каримнинг Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган очиқ оятлардан иборат эслатма экани, у мушриклар айтганидай афсона ёки шоирлар битган шеър эмас, балки Жаброил алайҳиссалом орқали Аллоҳ томонидан инсониятга юборилган илоҳий Китоб экани ҳақида сўз боради. Аввал ўтган барча пайғамбарлар ягона Аллоҳга имон келтириб, Унинг Ўзигагина итоатга даъват қилишгани, уларни ёлғончи қилган кимсалар топган оқибат-ҳалокатлар тасвирланади. Сурада Аллоҳ таолонинг шоирлар ҳақидаги сўзлари ўрин олгани сабабли у «Шуаро» сураси деб аталган.
Ислом даъвати ўзининг дастлабки босқичида мушриклар томонидан қаттиқ қаршиликка учради. Улар Аллоҳ таолонинг бирлигини ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканларини мутлақо тан олгилари келмас эди. Асрлар давомида ваҳийдан бехабар, охиратга ишонмаган жоҳилият аҳли Исломни қабул қилишни хаёлига ҳам келтирмади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қанчалик чин дилдан динга даъват қилсалар, мушриклар шунчалик у кишини ёлғончига чиқаришга, у зотга озор бериш ва ёмонликлар қилишга интилдилар. Мушрикларнинг душманлиги кундан-кунга кучайиб, Исломга кирган оз сонли мусулмонларнинг шикоятлари ҳам кун сари ортиб борарди. Бу даврдаги бирдан-бир тасалли умиднинг ўчмас чироғи бўлмиш Куръон оятларининг нозил бўлиб туриши эди. Бу оятлар энг асосий масалага - эътиқод мавзусига жуда катта эътибор берар, кишиларнинг сонига эмас, сифатига қараб мусулмонликларини шакллантириб борар эди. Шуаро сураси ана шу ўта қийин паллада нозил бўлгани учун ўша давр руҳини ҳам ўзида акс эттиради. Ўша даврда жуда муҳим бўлган ақида масаласи бу суранинг ҳам бош мавзусидир. Хусусан, сурадан Аллоҳ таолонинг тавҳиди, охиратдан қўрқиш, Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламга нозил бўлаётган ваҳийга ишониш, Пайғамбарни ёлғончига чиқаришдан қўрқитиш каби масалалар кенг ўрин олган. Сурада мушрикларнинг озорлари, ёмон муомалалари ва уйдирмаларини келтириш билан бирга, Набий алайҳиссаломга тасалли ҳам бор. Бунинг учун кўпроқ ўтган умматларнинг қиссалари ўзига хос услуб билан баён қилинган. Сурада Мусо, Иброҳим, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут ва Шуъайб алайҳиссаломларнинг қиссалари келтирилади. Пайғамбарларни ёлғончига чиқарганларнинг оқибати ёмон бўлиши эслатилади, Қуръони Каримнинг шаъни улуғланади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман

1. То син мим.
Булар каби кесик ҳарфлар, яъни ҳуруфи муқаттаъот ҳақида Қуръони каримнинг аввалги сураларида батафсил сўз юритилган бўлиб, ушбу алоҳида ҳарфларнинг асл маъносини Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот билмайди.

2. Булар очиқ ойдин Китобнинг оятларидир.
Яъни, Қуръони каримнинг оятлари алоҳида биттадан ҳарфдан ҳам иборат бўлиши мумкин. Ушбу суранинг биринчи оятида келган алифбо ҳарфларидан ташкил топган юқоридаги сўзлар очиқ-ойдин Китоб - Қуръони каримнинг оятларидан саналади.

3. Эҳтимол, мўмин бўлишмагани учун ўзингизни ҳалок қилмоқчидирсиз?!
Яъни, Аллоҳ таоло охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб айтяптики, «Эй Муҳаммад, Маккадаги кофирларнинг имонга келмаётгани учун балки руҳий азобқийноққа қолгандирсиз? Уларнинг мўминликдан юз ўгириб кетаётганидан куюниб, ўзингизни ҳалок қилмоқчи ҳам бўлаётгандирсиз? Эҳтимол, уларнинг итоатсизликлари, сиз олиб келган ваҳийларни ёлғонга чиқаришаётгани асабларингизни қақшатаётгандир? Эй Ҳабибим, Биз буларнинг барча қилмишларини кўриб турибмиз, сизнинг қийналиб, афсус чекаётганингиздан ҳам хабардормиз». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун эса Парвардигор ўзларининг бу қийин ҳолатларидан хабар беришидан кўра каттароқ тасалли йўқ. Айни пайтда бу хабар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг муомалаларидан қанчалик қийин аҳволга тушаётганларини ҳам билдиради. Чунки одамнинг ўзини ҳалок этиш фикри аввало Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдек зотга ўз-ўзидан келмайди. Қолаверса, инсон зоти умуман иложсиз, чорэсиз қолгандагина ана шундай ўта жиддий кароога келиши мумкин.

4. Агар хоҳласак, уларга осмондан мўъжиза туширамиз. Шунда бўйинлари унга эгилганча қолади.
Башарти мушриклар Аллоҳнинг Ўзи юборган Пайғамбарга, нозил қилган Китобига имон келтиришмаса, бўйин эгишмаса, уларни қабул қилишдан бош тортишса, У Зот таоло осмондан шундай мўъжиза-аломатларни тушириб қўядики, улар бўйин эгишдан бошқа илож топа олишмайди. Лекин ҳамма нарсага қудрати етадиган Аллоҳ таоло бандаларига раҳмли бўлгани учун бундай қилмади. Уларнинг имонга келишлари, гуноҳларига тавба қилишлари, Ў: ини танишлари учун маълум муддатни белгилаб қўйди. Аллоҳ азза ва жалла одамларни мажбурлаб бўйинсундиришни, Ўзига итоат қилдиришни хоҳламади. Сўнгги, оламшумул динининг зўрлов дини бўлишини ҳеч истамади. Асосий мўъжиза сифатида моддий, мажбурий мўъжизани ихтиёр этмади. Исломнинг асосий мўъжизаси ўлароқ, маънавий мўъжизани - Қуръони каримни нозил қилишни ихтиёр этди. Аллоҳ таоло одамларнинг бирор моддий нарсадан қўрққанлари учун эмас, балки ўқиб-ўрганиб, илм ҳосил қилганлари, маънавий-руҳий озуқа топганларидан сўнг Исломга киришларини ирода этди. Натижада Қуръони карим қиёматгача битмас-туганмас илоҳий мўъжиза бўлиб қолди. Кофир ва мушрик кимсаларнинг шундай мўъжизани инкор қилаётганлари ҳам янгилик эмас. Қадимдан улар шундай йўл тутишган ва бундан кейин ҳам улар шундайлигича қолади.

5. Уларга Раҳмондан янги эслатма келиши билан ундан юз ўгиришди.
Бутун инсоният тарихи давомида нодон ва жоҳил кимсалар Аллоҳнинг пайғамбарлари олиб келган ваҳийларни инкор этиб, улардан юз ўгиришган. Буларни келтирган элчиларни ёлғонга чиқариб келишган. Куфр ва ширк балосига мубтало бўлганлар қачон янги насиҳат, илоҳий ваҳий келса, доим уни тан олмай, масхара қилишгача боришган. Ана шу осийлик туфайли, ўзларининг ботил одатларига биноан улар Қуръондан ҳам юз ўгиришди.

6. Яна ёлғонга чиқаришди. Уларга ўзлари масхара қилган нарсанинг хабари яқинда келиб қолади.
Яъни, Эй суюкли Пайғамбарим, маккаликлар нега мусулмон бўлишмаяпти деган ўй-фикрда хафаликдан ғам чекиб, ўзингизни қийноққа солмоқчимисиз? Бу дунё синов-имтиҳон оламидир, шунинг учун ҳар бир инсон ўз ихтиёри билан имонга келиши, Аллоҳга бандалик қилиши зарур. Агар зўрлик билан мусулмон қилиш талаб этилганида Биз осмондан шу заҳоти мўъжизаларимизни тушириб, буни кўрган инкор қилувчилар иложсизликдан тезда имонга келишга мажбур бўлиб қолишарди. Илоҳий ҳикмат эса буни ирода қилмаган. Бундан фойдаланган кофир кимсалар Пайғамбарни ҳам, у келтирган илоҳий ваҳий - Қуръони каримни ҳам, охират азобини ҳам ёлғонга чиқаришди, буларга имон келтиришмади, балки масхара билан қарашди. Яқинда улар масхара қилган нарсаларининг азобини шунақанги тортишадики, унда ҳеч махлуқ уларга ёрдам бера олмайди, азобларини енгиллата олмайди. Куфр келтириб, ўз жонига зулм қилганлар Аллоҳнинг Пайғамбаридан бир мўъжиза келтиришни талаб қилишяпти. Ахир, улар атрофларига тафаккур кўзи билан қарашганида ҳамма жойда Аллоҳнинг беҳисоб мўъжизаларини учратган бўлишарди.

7. Улар ерга боқиб, унда турли фойдали жуфтликлардан қанчасини ундириб қўйганимизни кўришмайдими?!
Аллоҳнинг ваҳийларига шубҳа кўзи билан қараётган, Унинг Пайғамбарини ёлғончига чиқараётган жоҳил ва золим кимсалар атрофларига ибрат назари билан қарашганида Парвардигорнингжуда кўп мўъжизаларини кўрган бўлишар эди. Оддийгина Ер юзидаги биргина наботот оламига фикр кўзи билан қараган инсон унда Яратувчининг беҳисоб мўъжизаларини кўради. Шайх Саъдий «Дарахтларнинг кўм-кўк япроқлари ҳар оқилга Худони танитувчи дафтардур», деган эди. Қаршимиздаги гуллаб-яшнаб турган дарахтларнинг ўзи бир мўъжиза эмасми? Бир хил кўринишдаги, бир хил рангдаги бу дарахтлардан нега ранги, кўриниши, мазаси, шакли ҳар хил бўлган турфа меваларни узиб оламиз. Уни бизга ким шундай қилиб яратиб қўйибди? Эҳтимол, боғбон, деб ўйлаётгандирсиз? Агар боғбон ниҳолни Аллоҳнинг тупроғига экмаса, Аллоҳ юборган сув билан суғормаса, Унинг қуёшида парваришламаса, дарахт кўкарармиди, ўсардими, ҳосил тугармиди? Кўчатни саҳрога экиб қўйиб, кутиб ўтираверсангиз, у мева берармиди? Қудрат ва ҳикмат соҳиби Аллоҳ таоло хоҳласа, тупроқдан турфа неъматлар ўсиб етишади, хоҳламаса, қуруқ калтак ёки хор-хашак қолади. Ана шу дарахтга шакл, ранг берган ҳам, мевасига таъм, маза ва шифобахш моддаларни жойлаган ҳам Аллоҳнинг Ўзи. Ёки бир дона буғдой донини олиб кўринг. Ана шу бир донагина донни эксангиз, ундан етти бошоқли майса униб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бўлади. Аллоҳнинг қудратини қарангки, у бир дона донни етти юз баравар кўпайтириб, бандаларига ризқ-рўз қилиб берди. Борди-ю Аллоҳ таоло камроқ ҳосилли қилиб қўйса, инсон уни ўзича кўпайтира оладими? Асло! Ҳа, Аллоҳнинг мўъжизаларини кўрмоқчи бўлган ҳар бир инсон оёғи остидаги ерга ақл кўзи ва эътибор билан назар солса, ўзини имонга чорловчи кўплаб мўъжизаларни кўради. Балки шунинг учундир, зироатчилар, деҳқонлар орасида Аллоҳга бўлган ишонч кучлироқ бўлиши кўп кузатилган. Ерга назар солган, ўсимликларни яқиндан ўрганган одамнинг Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, қудратига тан бермай иложи йўқ.

8. Албатта бунда аломат бор, лекин уларнинг кўплари мўмин бўлишмади.
Эй инсонлар, атрофингизга бир боқинг: ҳамма ерда, ҳар замонда, ҳар қадамда Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик қудратига далолат қилувчи беҳисоб аломат ва мўъжизаларни кўра оласиз. Аллоҳ таолонинг бу дунёни инсонлар учун манфаатли ато ва неъматларга тўлдириб яратиб қўйганида ақл эгалари учун ибратли аломатлар бор. Лекин ношукр инсон буларни кўриб-билиб туриб ҳам имон келтиришга шошилмайди, ҳамон у инсонларнинг ўзи томонидан ўйлаб топилган турли “илоҳ” ва тимсолларга сиғиниш билан овора. Ваҳоланки, атрофидаги мўъжиза ва аломатларга теран кўз билан қараганида, улардан ибратланганида аллақачон буларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолога имон келтирган, Унга итоат ва ибодат қилган бўлур эди.

9. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир.
Аллоҳ таолонинг Азиз, яъни ўта иззатли деган сифатида «қудратли, ғолиб, қодир, кучли» деган маънолар бор. Демак, Аллоҳ таоло барча ишларда ғолибдир. У ҳамма нарсага, жумладан, кофирларни азоблашга ҳам қодирдир. Турли мўъжизалар келтириш қудратига ҳам, куч-қувватга ҳам эга. Ана шу сифатларга эга Парвардигор золимлардан интиқом олади ва мўминларга раҳм қилади. Аллоҳ таолонинг “Роҳим”, яъни раҳмли сифати эса, Унинг эътиқоди, итоати, қуллиги қай даражада бўлишига қарамай, бандаларнинг ҳаммасига ризқ ато этишда, гуноҳларини мағфират қилишда, қилмишлари учун мукофот ёки жазо белгилашда, бошларига келадиган азоб-балоларни кечиктиришда барча инсонларга Ўз раҳми билан уларга нисбатан бир хил муносабатда бўлишида намоён бўлади. Ушбу икки охирги оят Шуаро сурасида саккиз марта такрорланган. Биринчиси шу жойда келган бўлса, қолганлари ўтган умматларнинг қиссаларини баён қилувчи оятларнинг охирида келган.

10. (Эй Муҳаммад), эсланг, Парвардигорингиз Мусога нидо қилди: «У золим қавмга боргин
Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн ўртасида содир бўлган баҳс-мунозараларнинг бошқа жиҳатлари ҳақида эслатмоқда. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга шундай амр қилган: “Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш билан ўз нафсларига зулм-жафо қилган золим Фиръавннинг қавмига бориб, уларга Менинг рисолатимни етказ. Менга ихлос ва тоат билан ибодат қилишга буюр”.

11. Фиръавн қавмига. Улар қўрқишмайдими?!»
Яъни, эй Мусо, ўзига зулм қилаётган Фиръавн қавмига бориб, уларни итоатга чақир! Сизлар Аллоҳдан, Унинг жазоси ва ғазабидан қўрқиб, куфр ва зулм йўлини тарк этмайсизларми, дегин. Улар Мен яратган бир инсондан қўрқиб, бунинг ҳадигидан имонга келмай юришибди. Аслида бутун оламларнинг Парвардигори бўлган Мендангина қўрқишмайдими? Ояти каримада Фиръавн қавми «золим» деган сифат билан аталмоқда. Дарҳақиқат, Аллоҳга куфр келтириш энг улкан маънавий зулмдир. Фиръавннинг қавми золим эди. Шу билан бирга, улар Мусо алайҳиссаломнинг қавмига - Бани Исроилга зулм ўтказишар эди. Бу ишларни Аллоҳдан қўрқмаганлари учун қилишар эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло пайғамбари Мусо алайҳис-саломга ўша қавмнинг золимлигини, аслида улар Аллоҳдан қўрқишлари лозимлигини эслатиб қўймоқда.

12. (Мусо) деди: «Парвардигорим, улар мени ёлғончига чиқаришларидан қўрқаман;
Мусо алайҳиссалом Парвардигорига шундай хитоб қилди: “Эй Роббим, бу қавмнинг қанчалик туғён ва зулмга ғарқ бўлиб кетганини биламан. Шу сабабли Сенинг ваҳийларингни уларга етказгани борганимда улар мени ёлғончига чиқаришларидан қўрқиб турибман”.

13. юрагим сиқилади, тилим ҳам бурро эмас. Ҳорунга ҳам (пайғамбарлик) юборгин;
Яъни, жоҳил қавмнинг мени ёлғончига чиқаришидан юрагим сиқилиб кетади, қалбим ғам-ташвишга тўлади. Бунинг устига ти-лим ҳам фасоҳатли ва бурро эмас, ғазабим чиққанида ё ҳаяжонланганимда баъзан тутилиб, уларнинг ботил эътиқод ва ёмон амалларини ўзларига исботлаб бера олмай қоламан. Шу сабабли тили бурро ва равон сўзлайдиган иним Ҳорунга ҳам пайғамбарлик юбор, ваҳийларингни нозил қил, рисолатингни етказишда у менга кўмакчи бўлсин! Мусо алайҳиссалом кофирлар у кишини ёлғончига чиқаришларидан эмас, балки туҳматдан юраклари сиқилиб, тилларига гап келмай қолишидан қўрқаётган эдилар. Бошқа оятлардан маълумки, Мусо алайҳиссаломнинг тиллари бир оз дудуқ бўлиб, кофирлар у кишини ёлғончи қилишлари турган гап эди. Ана шундай пайтда юрак сиқилади, бу ҳолда эса тил равон сўзлай олмаслиги мумкин. Бундан хавфсираётган Мусо алайҳиссалом ўз ҳузур-ҳаловатини эмас, балки илоҳий даъватнинг нақадар муҳимлигини ўйлаб мулоҳаза юритаётган эди.

14. улар наздида менинг гуноҳим бор, шунинг учун мени ўлдиришларидан хавфдаман».
Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн қавмидан хавфсирашининг сабаби ҳам бор эди. Шундан олдинроқ у Бани Исроилдан бўлган бир киши билан уришаётган бир қибтийни ажратмоқчи бўлиб ўлдириб қўйган, сўнгра Мисрни ташлаб, қочиб чиқиб кетишга мажбур бўлган эди. Энди ўзидан қасос олиш пайида юрган қавмнинг олдига пайғамбар бўлиб борса, ўлдириб қўйишлари ҳам мумкин. У ҳолда илоҳий даъват, рисолатни етказиш иши нима бўлади?! Бу нарса рисолатни адо этишдан бош тортиш ёки Аллоҳнинг амрини уларга етказишдан юз ўгириш эмас, балки Мусо алайҳиссалом ушбу сўзлари билан Аллоҳ таолонинг ёрдами ва қўллашига муҳтож эканини изҳор қилиш эди. Шунинг учун Ҳорун ҳам пайғамбар бўлиб борса, мабодо Мусо алайҳиссаломни ўлдиришса ҳам даъват иши тўхтаб қолмайди. Кўриниб турибдики, Мусо алайҳиссалом бутун вужуди билан даъватнинг бардавомлиги ва муваффақияти учун қайғурмоқда. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг сўраганларини берди. У кишига қўшиб, Ҳорун алайҳиссаломни ҳам пайғамбар қилиб юборди. Шунингдек, Фиръавннинг қавми Мусо алайҳиссаломни ўлдириши мумкинлиги ҳақидаги эҳтимолни ҳам йўққа чиқарди.

15. У (Аллоҳ) айтди: «Асло! Энди икковингиз мўъжизаларимиз билан боринглар. Албатта, Биз сизлар билан бирга эшитиб турамиз.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга буюряптики, энди биродаринг Ҳорун билан Фиръавннинг олдига қўрқмасдан бораверинглар. Мисрда қибтийни ўлдириб қўйганинг туфайли Фиръавн қавмидан хавотир олманглар, чунки Биз мўъжизаларимиз билан сизларни ушбу хавф-хатарлардан омонда сақлаймиз. Мен Ўз паноҳим ва кўмагим билан икковингизнинг ёнингизда бўламан. Улар сизларга асло зарар бера олишмайди. Шунинг учун Биз сизларга ато қилган мўъжизалар билан Фиръавн ва қавмининг олдига қўрқмай боринглар. Зеро, сизнингуларга, уларнинг сизга айтаётган ҳар бир сўзини эшитиб туришга қодирмиз.

16. Энди Фиръавнга бориб айтинглар: «Ҳақиқатан бизлар оламлар Парвардигорининг элчиларимиз;
Яъни, Фиръавннинг олдига қўрқмасдан бориб, унга айтингларки, “Биз бутун оламлар Парвардигори томонидан юборилган элчилармиз. Аллоҳ бизни Бани Исроилни зулмдан озод қилиб, Аллоҳнинг кенг ерига қўйиб юборишинг учун юборди. Токи улар Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига бемалол ибодат қила олишсин”.

17. Бани Исроилни бизга қўшиб жўнатгин».
Ушбу ояти карималардан маълум бўладики, Мусо ва Ҳорун алай-ҳиссаломларнинг зиммасидаги асосий вазифа Бани Исроилни Фиръавн зулмидан қутқариб олиш ва уни тавҳид ақидаси асосида қайта тарбиялаш эди. Мусо ва Ҳорун алайҳимассалом Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариб, Фиръавннинг олдига боришди ва буюрилган гапларни айтишди. Кечагина ўз қавмининг орасида тарбияланган, унинг қавмидан бир кишини ўлдириб қўйиб, қочиб кетган Мусодан бу гапларни эшитган Фиръавн бунга чидай олмади, мас-хараомуз ҳолатда ўтмишни эслатиб, Мусога миннат қила бошлади:

18. У (Фиръавн) айтди: «Сени гўдаклигингдан орамизда тарбия қилмаганмидик?! Умрингнинг бир неча йилини орамизда ўтказмаганмидинг?!;
Фиръавн Мусони таниб қолди ва унинг Бани Исроилни озод қилиш ҳақидаги илтимосини эшитгач, унга маломат қила бошлади: “Ахир, сен бизнинг уйда, саройимизда, оила аъзоларим даврасида тарбия топган эдинг-ку! Сени гўдаклигингдан ўзимиз катта қилган эдик. Хотинимнинг ўшанда сенга раҳми келиб, “Уни ўлдирманглар, шояд унинг бизга нафи тегса ёки ўзимизга ўғил қилиб олсак”, деган эди. Мен ҳам бунга рози бўлган эдим. Кейин умрингнинг кўп йилини хонадонимизда ўтказган эдинг, сени ўзимиз улғайтирган эдик”. Ҳақиқатан, Қуръони каримнинг олдинги сураларида зикр қилинганидек, Фиръавн сарой мунажжимларининг “бир ўғил бола сенинг кушанданг бўлади” деган башоратига ишониб, мамлакатдаги ҳамма ўғил болаларни ўлдиришни буюрган эди. Ўғил туғилганидан хавотирга тушган Мусонинг онасига Аллоҳ таоло болани бир сандиққа солиб, дарёга оқизишни буюради. Уни Фиръавннинг оиласи қутқариб олади ва тарбиялаш учун саройда қолдиради. Аллоҳ таоло Мусонинг келажакда пайғамбар бўлишини ирода қилгани учун уни ўлимдан сақлаб қолган ва Фиръавн оиласида тарбияланишини истаган эди. Ҳаммаси Аллоҳ таоло ирода қилганидай бўлди, Мусо Фиръавннинг оиласида улғайди.

19. сўнг ношукрлардан бўлиб, қилган ишингни қилмаганмидинг?!»
Фиръавн Мусо алайҳиссалом келтирган рисолатни инкор қилиш учун ундан айб қидиришга тушди. Мусо алайҳиссаломнинг бундан олдинроқ Бани Исроил билан ғижиллашиб турган Фиръавн қавмидан бўлган бир қибтийни ўлдириб қўйганини эслатиб, уни исканжага ола бошлади: “Сен қабиламиздан бўлган бир кишини ўлдирдинг. Бу билан сенга кўрсатган ғамхўрлигим, сенга гўдаклик, болалик ва йигитлик пайтларингда қилган яхшиликларим эвазига ношукрлик, нонкўрлик қилдинг, тузимни ичиб, тузлиғимга туфладинг. Устига-устак, биродаринг билан икковингиз динимизга хилоф бўлган янги бир динни тарғиб қиляпсизлар, ҳаммамизни унга тарғиб қиляпсизлар. Бу ҳам бир четда қолиб, Бани Исроилни озод қилишимни ҳам сўраяпсизлар”. Фиръавннинг бу миннатлардан асосий мақсади Мусо алайҳиссалом олиб келган динни инкор қилиш эди. У Мусо алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини, Аллоҳнинг элчиси сифатидаги муомалаларини кўтара олмай, ўзига ўхшаганларнинг йўлини тутди. Мусо алайҳиссаломга «ўтказиб қўйган» ва ўзича у кишининг камчиликлари деб ўйлаган ишларини юзига солди. Бу билан у олдин гуноҳ содир этган киши Аллоҳнинг элчиси бўлиши мумкинми, деган иддаони қилмоқчи эди. Фиръавннинг бу даъволари қаршисида Мусо алайҳиссаломнинг тили тутилиб қолмади. Чунки Аллоҳ таоло у кишининг дуосини ижобат қилиб, тилидаги дудуқликни кетказган эди. Мусо алайҳис-салом Аллоҳ таолонинг тавфиқи ва ёрдами билан Фиръавнга бурролик билан жавоб берди.

20. У (Мусо) деди: «Мен буни адашган ҳолимда қилганман;
Мусо алайҳиссалом Фиръавннинг даъволарини рад этиб, шундай деди: “Ҳақиқатан ҳам, сен таъкидлаётганингдек, илгари шу ишни қилган эдим, аммо буни мен атайлаб эмас, билмаган ҳолда, тасодифан қилганман. Ўша пайтда Аллоҳ ҳали менга ваҳий нозил қилмаган, зиммамга рисолат масъулиятини юкламаган эди. Шунингдек, ўшанда қабилангдаги одамни урганимда уни ўлиб қолади, деб ўйламаган, фақат бани исроилликни унинг зулмидан қутқариб қолмоқчи бўлган эдим. Менинг мақсадим, уни ўлдириш эмас, балки ўзгаларга зулм ўтказишдан қайтариш, ахлоққа чақириш, адолатни ҳимоя қилиш бўлган эди, холос”.

21. ўшанда сизлардан қўрқиб қочиб кетгандим. Кейин Аллоҳ менга ҳикмат ато этди ва мени пайгамбарлардан қилди;
Мусо алайҳиссалом ўзи кутмаган ҳолда қибтийни туйқусдан ўлдириб қўйгач, Фиръавннинг одамлари бирор ёмонлик етказишидан ёхуд ўзини ҳам ўлдиришларидан ёки ноҳақ жазолашларидан қўрқиб, Мисрни ташлаб чиқиб кетган эди. Энди эса Аллоҳ унга ҳикмат ато этиб, уни Ўзининг пайғамбарларидан қилди. “Ҳикмат” деб таржима қилинган “ҳукм” сўзи “ҳикмат”дан ташқари, “донишмандлик, билим, обрў-мартаба” маъноларини ҳам англатадики, Аллоҳ таоло бошқа пайғамбарлари қатори Мусо алайҳиссаломга ҳам буларнинг ҳаммасини ато этган эди.

22. ўша менга миннат қилаётган «неъмат»инг Бани Исроилни қул қилиб олганинг эди».
Мусо алайҳиссалом айтаётган ушбу сўзларни уламолар икки хил изоҳлашган: баъзилари “Бу Мусонинг Фиръавн қилган яхшиликларни эътироф этишидир. Гўё у бу билан “Эй Фиръавн, айтаётган нарсаларинг сен томонингдан менга қилинган катта яхшиликлардир, лекин бу нарса сенга пайғамбар эканимга, куфр ва ширқцан бутунлай фориғ бўлишинг зарурлигига ҳамда Бани Исроилни мен билан қўйиб юборишингга монеълик қилмайди, деган”, дейишган. Яна бошқа уламолар эса: “Мусо алайҳиссалом бу сўзларни уни тергаш, Фиръавннинг қилган яхшиликларини инкор қилиш маъносида айтган. Гўё у “Сен даъво қилаётган “яхшилик”лар замирида аслида жабр-зулм ётибди. Сен қавмингни қул қилиб олдинг, ўғил болаларни ўлдиришга буюрдинг. Сенинг зулмингдан қўрққан онам мени дарёда оқизишга мажбур бўлган. Бу эса сенинг хонадонингда тарбияланишимга сабаб бўлган”, демоқчи эди”, дейишади. Мана шу иккинчи гап асосли туюлади. Яъни, «Сен Бани Исроилни қул қилиб олган эдинг. Уларнинг янги туғилган қизларини қолдириб, ўғил болаларини ўлдирар эдинг. Бундан қўрққан онам мени дарёга оқизди. Мени тутиб олиб, боқдинглар, тарбия қилдинглар. Оиламдан жудо бўлиб ўсдим. Энди эса менга буни миннат қилмоқдасан. Ўзингча, яхшилик қилганман, деб ўйлаётган бўлсанг керак-да?!». Мусо алай-ҳиссаломнинг бу асосли сўзларини эшитган Фиръавн гапни бошқа томонга буришга мажбур бўлди.

23. Фиръавн: «Оламлар Парвардигори деганинг нима?» деди.
Фиръавн ўзини қўл остидаги барча инсонларнинг ҳукмдори санар, уларни истаганча хорлар, зулм ўтказар, керак бўлганида жонларини танасидан жудо ҳам қилар эди. Мана шу нарса унинг ҳаддидан ошиб, туғёнга кетишига, ғурурга берилиб, ўзини ҳамма нарсага қодир ҳукмдор санашига сабаб бўлди. Шунинг учун ҳам у Мусо алайҳиссаломга пасткашларча савол билан: «Ўша сени пайғамбар қилиб юборган, «Оламлар Парвардигори» деб атаётган нарсанг нима ўзи?» демоқда. У ушбу саволи билан рисолатнинг асоси бўлмиш ақида масаласида сўз юритиб, Мусо алайҳиссаломни инкор қилмоқчи эди. Унинг туғёни ва исёни шу даражада эдики, бу бадбахт «Оламлар Парвардигори ким?» демай, «Оламлар Парвардигори деганинг нима?» дейишгача борди. Мусо алайҳиссалом ўзи Аллоҳнинг бандаси бўлатуриб, У Зотга қаттиқ осийлик қилган Фиръавнга Оламлар Парвардигорининг нақадар қудратли Зот эканини баён этиб,Унинг сифатларини бирма-бир зикр қила бошлади.

24. У (Мусо): «Агар ишонадиган бўлсанглар, У осмонлару Ер ҳамда улар орасидаги ҳамма нарсанинг Парвардигоридир», деди.
Яъни, “эй Фиръавн, Аллоҳ азза ва жалла осмонлар ва Ернинг ҳам, улар орасидаги жамики мавжудотнинг, борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси, бошқариб ва тарбият қилиб турувчи Парвардиго-ридир. Агар шунга ишонадиган бўлсанг, ушбу буюк Холиққа имон келтириб, ихлос билан Унга ибодат қилишинг бошқа ҳар қандай эътиқод ва амаллардан яхшидир”. Мусо алайҳиссаломнинг бу сўзларида Фиръавнни таҳқирлаш, унинг даъвоси пуч эканини исботлашга ҳаракат қилиш маъноси бор. Гўё у шундай демоқчи: “Бизнинг Роббимиз мана шу бутун коинот, борлиқ, осмонлар Ер ва улар орасидаги ҳамма нарсанинг ягона Парвардигори, аммо сенинг “парвардигор”лигинг фақат маълум жой ва тоифаларгагина тегишли. Сен уларни алдаб, ўзингча илоҳликни даъво қиляпсан. Улар ҳам жоҳилликлари боис сенга кўр-кўрона эргашиб, итоат қилишяпти”.

25. У (Фиръавн) атрофидагиларга: «Эшитяпсизларми?!» деди.
Маккор Фиръавн шу ерда ҳам устамонлик қилишга уриниб кўрди. У ўз атрофидаги аъёнларига мурожаат қилиб, уларни Мусо айтган сўзлардан ажабланишга, унинг таъсирига тушиб қолмасликка чақирмоқда: «Қаранглар, бу нималар деяпти ўзи?! Унинг гапини эшитдингларми?!». Яъни, “эй аъёнларим, Мусонинг ажабтовур сўзларини эшитдингизми? У билан орамизда ҳеч қандай аҳдлашув ҳам йўқ, биз уни асло қабул қила олмаймиз, унинг гапларига тоқат ҳам қила олмаймиз”. Аммо Фиръавннинг бу найрангига қарамай, Мусо алайҳиссалом оламлар Парвардигорининг сифатларини баён қилишда давом этди:

26. У (Мусо): «У сизларнинг Парвардигорингиз ва аввалги ота-боболарингизнинг Парвардигоридир», деди.
Яъни, “Барчаларингизнинг Парвардигорингиз Аллоҳдир! У сизлардан олдинги умматлар ва аждодларнинг ҳам Парвардигоридир.
Энди сизлар ана шу буюк Парвардигорга ибодат қилишдан юз ўгириб, Унинг бандаларидан бири бўлган шу Фиръавнга топиняпсизларми?” Худоликни даъво қилувчи туғёнкор Фиръавнга унинг одамлари олдида бу гапларнинг қўрқмай айтилиши уни мувозанатдан чиқариб юборди ва Аллоҳнинг пайғамбарига туҳмат қилишга ўтди.

27. У (Фиръавн): «Сизларга юборилган пайғамбарингиз шубҳасиз жиннидир», деди.
Фирьавн Мусо алайҳиссаломни мазаҳ қилишда давом этаркан, қавмининг киборлари олдида уни жиннига чиқаришдан бошқа чора топа олмади. Бу эса унинг мағлуб бўлгани ва ожиз қолганидан дарак берарди. Барча туғёнга кетганлар каби Фиръавн ҳам ҳақ йўл даъватчисининг шахсига туҳмат ёғдириб, ундан одамларнинг ихлосини қайтаришга уринди, Мусо алайҳиссаломни мажнун - жинни деб эълон қилди. “Сизларга юборилганини даъво қилаётган мана бу “пайғамбар”ингиз ҳақиқатан жинни экан. Чунки у ақлларингиз қабул қилмайдиган, қулоқларимиз тасдиқламайдиган аллақаёқдаги сўзларни гапиряпти. Бундай ақлдан озган кимсанинг гапларига ишониш мумкинми?”. Фиръавн бу ўринда Мусо алайҳиссаломни масхаралаш мақсадида “пайғамбар” деб атаяпти. Рисолатни эса ўзига эмас, қавмига нисбат бермоқда. Аммо Мусо алайҳиссалом бу туҳматларга парво ҳам қилмай, Фиръавн ва унинг қавмини имонга чорлашда давом этаверди.

28. У (Мусо): «Агар ақл юритсанглар, У машриқу мағрибнинг ва улар ўртасидаги ҳамма нарсанинг Парвардигоридир», деди.
Мусо алайҳиссалом Фиръавннинг сўзларидан таъсирланиб, ўзини йўқотиб қўйгани йўқ, аксинча шижоат ва қатъият билан: «Қуёшнинг ботиши ва чиқишини амалга оширувчи ҳам, улар орасидаги масофаю нарсаларнинг ҳам Парвардигори ягона Аллоҳдир», деди. Ушбу ояти каримада Мусо алайҳиссаломнинг машриқ ва мағрибни (шарқ ва ғарбни) хослаб зикр қилишига сабаб шуки, бу иккаласи ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига далолат қилувчи энг катта мўъжизалардан саналади. Шунингдек, Фиръавн ва унинг аъёнлари бундай мисолларни келтиришга ожиз эдилар. Иброҳим алайҳиссалом ҳам Аллоҳ таоло хусусида мунозара қилган кимсага қарата: “Аллоҳ куёшни машриқдан чиқаради, сен уни мағрибдан чиқариб кўрчи!” деб шарт куйганида у тамоман довдираб-эсанкираб қолган эди. Оятда “агар ақл юритсанглар” деб қавмни тафаккур ва тадаббур қилишга ундаш, уларни куфр ва ношукрликдан қайтариш учун айтилмоқда. Ҳужжат-далиллар билан бутунлай мот қилиб ташланган, Мусо алайҳис-саломни ақл ва мантиқ кучи билан енга олмаслигини сезган Фиръ-авн туғёнкорларнинг одатига биноан, дўқ-пўписа қилишга ўтди:

29. У (Фиръавн): «Агар мендан бошқани илоҳ қилиб олсанг, сени албатта зиндонбандлардан қиламан», деди.
Мағлубиятига чидай олмай, ғазаб отига минган Фиръавн аввалига сир бой бермай, турли гапларни айлантириб турган эди. Охирида енгила бошлаганини сезиб, Аллоҳнинг элчисини зиндонга ташлаш билан қўрқитишга ўтди. “Агар мени илоҳ сифатида тан олмасанг, сени зиндонда чиритиб юбораман” деб пўписа қилди. Унинг Мусо алайҳиссаломдан ва у кишининг даъватидан, ҳақ сўзларидан қўрқишининг асосий сабаби ҳукмдорликнинг қўлдан кетиши эди. Фиръавн Мусо алайҳиссаломнинг айтганлари рўёбга чиқиб, ҳамма унга эргашиб кетса, мен бир четда қолиб кетаман, деган хавфда эди. Унинг аввалги гапларининг бари мунофиқликдан иборат эди. Мусо алайҳиссалом рисолатни ёйишда Оламларнинг Парвардигори ёрдамга тайёр турганини чуқур ҳис этарди. Шунингучун ҳам Фиръавннинг зиндонга қамаб қўйиш ҳақидаги таҳдиди у кишига заррача таъсир қилмади. Пайғамбар яна бир бор Фиръавнни тўғри йўлга солишга уриниб кўрди.

30. У (Мусо): «Агар сенга очиқ-ойдин нарса келтирсам ҳам-а?» деди.
Фиръавннинг бу қўрқитишлари Мусо алайҳиссаломга мутлақо таъсир қилгани йўқ, аксинча у киши «Агар сенга ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканимга, сўзларим ҳақ эканига очиқ-ойдин ҳужжат ва далил келтирсам ҳам мени зиндонбандлардан қиласанми?» деб савол беришга журъат қилди. Бу ерда келтирилган савол инкор маъносини билдиради. Кўпчилик олдида Мусо алайҳиссаломни жиннига чиқарган Фиръавн ҳужжат тўғрисида гап кетганида одамлар шубҳа қилмаслиги учун “эҳтимол, ҳужжат келтира олмас” деган умид билан унинг таклифига рози бўлди.

31. У (Фиръавн): «Агар ростгўйлардан бўлсанг, уни келтир!» деди.
Фиръавн Мусо алайҳиссаломга ишонқирамай: «Агар қилаётган даъвоингда рост айтаётган бўлсанг, ўша очиқ-ойдин ҳужжатингни олиб келчи, кўрайин», деди. Шу гапдан сўнг Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўзига ато қилган берган мўъжизаларни бирма-бир кўрсатишга киришди.

32. Шунда у асосини ташлаган эди, бирданига у чин аждаҳо бўлди.
Мусо алайҳиссалом қўлидаги ҳассасини ерга ташлаган эди, Фиръавн ва унинг қавмини ҳайрат ва қўрқувга солиб, у тўсатдан ростакам аждаҳога, улкан илонга айланди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “У Зот: «Ташла уни, эй Мусо!» деди. Уни ташлаган эди, бирдан у ҳаракат қиладиган илонга айланди. У Зот айтди: «Уни ол, кўрқма. Уни аввалги ҳолига келтирамиз” (Тоҳа, 19-21).

33. Ва қўлини чиқарган эди, бирданига у қараб турганларга оппоқ бўлиб кўринди.
Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва унинг аъёнлари кўз ўнгида иккинчи мўъжизани кўрсатди. Қўлини ташқарига чиқарган эди, ўзи қорамтир рангли бўлган Мусо алайҳиссаломнинг қўли қараб турганларга қордай оппоқ, нурли бўлиб кўринди. Ушбу икки оятнинг иборалари Мусо алайҳиссаломнинг ҳассаси чиндан ҳам аждаҳога айланганини, қўли эса чиндан ҳам кўрган одам ҳавас қиладиган даражада оппоқ бўлганини ифода этади. Бу икки нарса Мусо алайҳиссаломнинг ҳақиқий пайғамбар эканларини тасдиқловчи мўъжизалар эди. Ўша пайтда Мисрда сеҳргарлик авж олган бўлиб, бу борада донғи чиққан сеҳр усталари одамларга турли сеҳрларни кўрсатишар эди. Мусо алайҳиссаломнинг кўрсатган нарсалари эса сеҳр эмас, илоҳий мўъжиза, чин ҳақиқат эди. Фиръавн Мусо алай-ҳиссалом келтирган мўъжизани кўриб, юрагига ғулғула тушди. Ўзининг даъволари аслида ёлғонлиги ошкор бўлиб, қўл остидагилар Мусога имон келтириб, унинг итоатидан чиқиб кетишар эди. Лекин муттаҳамликда ҳар қандай одамга панд берадиган Фиръавн бу ҳолатдан осонгина қутилиб чиқиб кетиш пайида бўлди. Ҳозиргина Мусо алайҳиссаломни мажнун деб турганини ҳам унутиб, бошқача баҳо беришга ўтди:

34. У атрофидаги аъёнларига айтди: «Албатта бу ўта билимдон сеҳргардир:
Илоҳий даъватни инкор этиб, унга қарши чиқувчилар ҳамиша бунда ўзларига ёрдамчи, ҳамкор ва эргашувчиларни қидиради. Бордию бу инкорчилар ҳукм юритувчилардан бўлса, албатта ҳар бир сўзига “лаббай” деб турадиган аъёнларини ишга солишади. Ўлар ҳам ҳукмдорларининг ҳар бир сўзини маъқуллашга, қилмишларини ҳақ деб санашга уринишади. Унинг айтганларини бажаришда кимўзарга мусобақалашишади. Фиръавн ва унинг аъёнлари ҳам худди ана шу тоифалардан эди. Кўпчиликка Мусо алайҳиссаломни жинни деб эълон қилган Фиръавн энди у кўрсатган мўъжизалар олдида лол қолиб, чорасизликдан уни “ўткир сеҳргар” деб таърифлашга тушди. Бу ерда Фиръавн Мусо алайҳиссалом келтирган нарсаларни тан олса-да, барибир уларни сеҳр деб атамоқда. Ўзининг қўл остида юзлаб сеҳргарлари бўлганига, ўзи уларга ишониб, эътибор ва эҳтиром кўрсатиб турганига қарамай, қаршиларида турган пайғамбарни сеҳргарликда айблаб, аъёнларини у билан қўрқитишга ўтди.

35. у ўз сеҳри билан сизларни ерингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар?»
Аллоҳнинг динига қарши чиқиб, Унинг ваҳийларини инкор қилишдан ҳам уялмайдиган фиръавнийлар Аллоҳнинг пайғамбарларига турли туҳмат-бўҳтонларни ёпиштириб, қўл остидагиларни қўрқитиш ва шу билан одамларнинг пайғамбарларга эргашиб кетишидан қайтариб туришга уринишади. Бу йўлда улар Аллоҳнинг элчиларини жиннига чиқаришдан ҳам, уларни хавфли одамлар қилиб кўрсатишдан ҳам, йўқ ердаги айбларни уларга тақашдан ҳам тап тортишмайди. “У сизларни ерларингиздан ҳайдаб чиқариб, мансаб, имтиёз ва имкониятларингизни тортиб олмоқчи”, деб уларнинг кўнглига ваҳима солмоқчи бўлишади. Фиръавн ҳам Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳ ато қилган мўъжизаларини кўрганидан кейин ҳаққа бас келолмаслигини англаб, ҳийлага ўтди: “Бу сеҳргар одам, у сеҳри орқали сизларни туғилиб-ўсган диёрингиздан ҳайдаб чиқармоқчи, бунга сизлар нима фикр билдирасизлар, унга қандай чора кўрамиз? Аъёнларим ва ишонган одамларим сифатида бирор маслаҳат беринглар”. Ушбу ояти карималар орқали Фиръавн нафсига оид энг нозик ва дақиқ жиҳатлар очиб берилмоқда. Бир неча дақиқа олдин ҳаддидан ошаётган, туғён ва исёнга бориб, қавмига қарата “Мен сизларнинг улуғ роббингизман” деб жар солаётган олдинги нобакор Фиръавндан асар ҳам қолмаган, Мусо алайҳиссалом ўз мўъжизаси билан келгач, унинг қалбига ғулғула тушиб қолган эди. Бир оз олдин одамларига қаттиқ қўллик билан ситам ўтказиб, ғазабини сочаётган Фиръавн энди уларга илтимос ва ялиниш маъносида “Нима дейсизлар?” деяпти. Ҳа, Фиръавн каби исёнкор ва мунофиқ кимсалар одамларга зулм ва жабр-ситам ўтказишда туғёнга боришади, ўзларини қудратли санаб, ҳаммани махв этиш билан қўрқитишади. Кейин бошларига мусибат ёки бало келганида ўзларини паст олиб, йиғи-сиғи қилишга тушишади. Балолари ариб, бироз енгил тортишгач эса яна зуғум ўтказиш, ҳақни тан олмасликни бошлаб юборишади.

36. Улар айтишди: «Уни ва акасини қўйиб тургин-да, шаҳарларга йигувчиларни юбор;
Фиръавннинг бу илтимосини эшитган қавмнинг шарафли кишилари унга шундай маслаҳат беришди: “Мусони ва акасини ўз ҳолларига қўйиб тургин-да, олдин тасарруфингдаги ҳамма шаҳарларга ўз одамларингни жўнат, улар ўша ерлардаги энг ўткир сеҳргарларни йиғиб келишсин. Ўшанда сен улар ичидан энг сараларини танлаб олиб, Мусога қарши мусобақага қўясан. Улар бирлашиб, Мусонинг сеҳрларини йўққа чиқаришади”.

37. улар сенга барча ўткир сеҳргарларни йиғиб келишсин».
Гумашталарининг барча кучли сеҳргарларни йиғиб келиш ҳақидаги гапи иложсиз қолган Фиръавнга ёқиб тушди. У мамлакатнинг турли шаҳарларига соқчи-посбонларини жўнатди ва уларга энг сеҳри ўткир сеҳргарларни йиғиб келишни буюрди. Фиръавннинг Мусо алайҳиссаломни “сеҳргар” деган гапини илиб олган аъёнлар «хўжайин»нинг ўткир сеҳргарлари борлигини билганларидан ва уларнинг Мусони мағлуб қилишига қаттиқ ишонганларидан икки ўртада сеҳргарлар мусобақаси ўтказишни таклиф қилдилар. Фиръавн ўз атрофидагилардан айнан шу маслаҳатни кутган эди. Юқорида келган бошқа сура ва оятларда зикр қилинганидек, Мусо алай-ҳиссалом билан сеҳргарларнинг мусобақалашадиган жойи, вақти ва бошқа шартлари келишиб олинди. Фиръавн шаҳарларга одамларини юбориб, сеҳргарларни йиғиб келди.

38. Шунда сеҳргарлар маълум кунда келишилган жойда тўпландилар.
Моҳир сеҳргарларнинг бари Фиръавн белгилаган жойга етиб келишди. Келишилган вақтлари эса «Зийнат куни» деб аталмиш байрам кунининг чошгоҳ пайти эди. Қуръони каримда шундай дейилади: «Уҳолда биз ҳам сенга худди шундай сеҳр келтирамиз. Ўзинг билан бизлар ўртамизда бир жойни танлагинки, у биз ҳам, сен ҳам қаршилик ҳилмайдиган ўрта жой бўлсин. У (Мусо): «Ваъдалашув вақтингиз зийнат кунида, одамларнинг чошгоҳда тўпланишида», деди» (Тоҳа, 58-59).

39. Ва одамларга айтилди: «Сизлар ҳам тўпланиб бўлдингларми?;
Фиръавннинг ёрдамчилари ушбу мусобақага кўпроқ одамни жалб қилиш ва пайғамбарни мот қилиш учун учун атрофларидаги одамларга “Сизлар ҳам тўпланиб бўлдингларми?” дейишди. Бу ердаги савол амр-буйруқ маъносини билдиради.

40. агар сеҳргарлар устун келишса, ўшаларга эргашамиз».
Фиръавннинг ўша ёрдамчилари “Бордию сеҳргарлар ғолиб чиқишса, Мусога эмас, балк ўша сеҳргарларга эргашамиз” деган гапни ҳам қўшимча қилишди. Улар бу гапни Мусо устидан ғалаба қозониш учун сеҳргарларни бор куч-имконларини сарфлаб ҳаракат қилишга чорлаш мақсадида айтишган эди. Гўё улар “Эй сеҳргарлар, ушбу жиддий олишувга яхши тайёргарлик кўринглар, нима қилиб бўлса ҳам ғолиб чиқинглар, биз ҳам сиз тарафдамиз ва қўллаб турамиз, агар ғалаба қилсанглар, бизлар Мусога эмас, фақат сизларга эргашамиз” демоқчи эдилар. Фиръавнийларнинг ўзига ишончи шу қадар кучли эдики, улар ҳатто Мусо алайҳиссаломнинг ғолиб келиши мумкинлигини эътиборга ҳам олишмади. Туғёнга кетган ғоя ва тузумларнинг сиёсати доимо шундай: улар ҳамиша ўзини ғолиб, ўзгани мағлуб санайди.

41. Сеҳргарлар келишгач, Фиръавнга: «Агар биз ғолиб келсак, бизларга мукофот бўладими?» дейишди.
Аллоҳга имон келтирган, ҳар бир иш ва амалида Унинг розилигинигина кўзлайдиган одамларда қилаётган бирор иши учун ҳақ ёки мукофот кутиш илинжи бўлмайди, балки у Аллоҳга холислик билан, Унинг розилигига эришиш учун ҳаракат қилади. Сохта таълимот ва мафкураларга хизмат қиладиган гумашталар эса бирорта ишни текинга қилишни истамайди, балки ҳар бир ҳаракати учун бошлиқлардан нималарнидир ундириш, мукофот сўраш пайидан бўлади. Худди шулар каби Фиръавн ва унинг аъёнлари қозонадиган ғалабадан ўта манфаатдор эканларини билган сеҳргарлар: “Эй Фиръавн, агар биз Мусо устидан ғалаба қозонсак, бизларга бирор мукофот берасанми?” деб сўрашди. Сеҳргар гумашталаридан бу саволни эшитган Фиръавн хурсандлик билан шундай жавоб берди:

42. У: «Ҳа, бу ҳолда сизлар яқинларимдан бўласизлар», деди.
Яъни, Фиръавн айтяптики, ҳа, бунинг албатта мукофоти бор. Агар сизлар зафар қозонар экансизлар, у ҳолда сизлар рози бўладиган даражада катта мукофотларни бераман. Шунингдек, сизларни ўзимга яқин кишилардан, маслаҳатчилардан қилиб оламан. Доимо менинг ҳимоям ва паноҳимда бўласизлар. Аллоҳ таоло айтади: “Шайтпон уларга ваъдалар беради, хаёлларини чалғитади ва у ёлғондан бошқасини ваъда қилмайди” (Нисо, 120).

43. Мусо уларга: «Ташлайдиганларингизни ташланглар», деди.
Фиръавнга тобеъ бўлган сеҳргарлар Аллоҳнинг пайғамбари билан олишувга ҳозир бўлишгач, Мусо алайҳиссалом уларга “Ташлайдиган нарсаларингизни ташланглар”, деди. Яъни, қани, бир сеҳрларингни ишга солиб кўрингларчи, ҳали бу олишув қандай натижа билан тугашини кўрасизлар. Ояти каримадан маълум бўляптики, шунча одам тўпланиб турганига қарамай, Мусо алайҳиссалом парво қилмаган ҳолда, фақат Аллоҳ азза ва жалланинг нусратига ишониб иш тутди.

44. Шунда улар арқон ва асоларини ташлашди ва: «Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта биз ғолиб чиқамиз», дейишди.
Сеҳргарлар бу қасамлари билан Фиръавнга яна ҳам яқинроқ бўлишни ният қилишди ва унинг куч-қудратига қасам ичиб, Мусо алайҳиссаломнинг эмас, айнан ўзларининг мусобақада ғолиб чиқишларини олдиндан таъкидламоқчи бўлишди. Ҳар бир ишида Аллоҳга юкунган инсонлар албатта зафар қучишади, Ундан бошқага ишонганлар эса ҳамиша мағлубиятга учрашади. Фиръавнга хушомад қилган сеҳргарлар бу ҳақиқатни англашдан ожиз эдилар.

45. Сўнгра Мусо асойини ташлаган эди, у тўсатдан уларнинг “уйдирма”ларини юта бошлади.
Фиръавннинг амри билан сеҳргарлар арқон ва асоларини ерга ташлашганида улар одамларнинг кўзига илонга ўхшаб ҳаракатлангандай бўлган, аммо илонга айланмаган эди. Сеҳргарларнинг найранги туфайлигина тўпланган одамларнинг кўзига шундай уйдирма бўлиб кўринган эди. Мусо алайҳиссалом асойини ташлаганида эса у ҳақиқий илонга айланиб, Фиръавннинг сеҳргарлари ташлаган асо ва арқонларини, яъни “уйдирма”ларини бирма-бир юта бошлади. Шу тариқа Мусо ташлаган асо уларнинг макр-ҳийлаларини барбод қилиб, йўққа чиқарди.

46. Шунда сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида йиқилишди.
Сеҳргарлар кўз ўнгиларида содир бўлиб турган ҳақиқатни инкор эта олмай қолишди ва кўпчиликнинг гувоҳлигида имон калимасини очиқ-ойдин айтиб юборишди. Фиръавндан ўткинчи дунёнинг арзимас матоҳини, мукофотини тамаъ қилиб турган бу қавм бирданига Ҳақ олдида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, таҳдид ва ваъидларни енгил санайдиган имонли қавмга айланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир қалб Раҳмоннинг икки бармоғи орасидадир. Хоҳласа, уни мустаҳкам (ёки тўғри) қилади, истаса (тўғри йўлдан) оздиради” деб нақадар рост айтганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

47. Улар шундай дейишди: «Оламлар Парвардигорига имон келтирдик;
Сеҳргарлар эса бу ҳолатга диққат билан назар солиб, бу нарса оддий сеҳр эмас, балки инсон қудратидан ташқаридаги нарса эканини англаб етдилар. Агар Мусо алайҳиссалом кўрсатган мўъжиза сеҳр бўлганида бу борада машҳур бўлган энг ўткир сеҳргарлар буни билган бўлишарди. Аммо Мусонинг кўрсатаётгани улар кутган нарсадан ўзгача эди. Шунда улар ҳақни тан олишди ва сажда қилган ҳолларида ўзларини ерга ташлаб, “Барча оламларнинг Парвардигорига имон келдирдик”, дейишди.

48. Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига».
Сеҳрнинг моҳиятини яхши билган сеҳргарлар Мусо алайҳиссалом сеҳргар эмас, Аллоҳнинг пайғамбари эканларини англаб етишгани заҳоти имонга келишлари ғайритабиий эмас эди. Зотан, Аллоҳ таолога, У Зот рисолат билан юборган пайғамбарларга, Аллоҳнинг китобларига, фаришталарига, ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонгандан кейингина имон комил бўлади. Шунингучун ҳам сеҳргарлар олдин барча оламларнинг Парвардигорига имон келтирганларидан кейин “Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига” деб қўшимча ҳам қилишди.

49. У айтди: «Мен сизларга изн бермай туриб унга имон келтирдингларми! У албатта сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир! Энди яқинда биласизлар, қўл-оёқларингизни қарама-қаршисидан кестириб, ҳаммангизни осиб юбораман!».
Фиръавн англаб етдики, тўпланган бутун оломон ҳақ Мусо тарафида эканини аниқ кўриб турибди, ҳақиқат батамом фош бўлди. Бу нарса Фиръавн ва унинг аъёнлари учун жуда катта мусибат эди. Чунки сеҳргарлик ўша пайтда Мисрда энг обрў келтирувчи иш бўлиб, у билан фақат ибодатхоналарни бошқариб турувчи коҳинларгина шуғулланишар эди. Халқ орасида ҳам диний арбоблик, ҳам сеҳргарлик эътибори билан коҳинларнинг обрўлари катта эди.
Туғёнга кетган ҳукмдорлар халқнинг уларга осон эргашиб кетиши-дан ҳамиша хавфда эдилар. Шунинг учун доимо коҳинларни тўла қўлга олишга ёки йўқотиб юборишга интилардилар. Бу ўринда ҳам Фиръавн нима қилишини билолмай, имонга мушарраф бўлган сеҳргарларга ғазабини сочиб, уларга маломат қила бошлади: “Ҳали мен изн бермай туриб нега сизлар Мусога имон келтирдинглар? Аниқ биламанки, у сизларга сеҳр ўргатган энг катталаринг бўлиб, мамалкатни эгаллаб олишда сизлардан фойдаланмоқчи. Сизлар эса буни англамай, унга имон келтириб ўтирибсизлар. Энди сизларнинг бу итоатсизликларингиз албатта жазосиз қолмайди. Қўл-оёқларингизни қарама-қарши томонидан, яъни ўнг қўлингиз ва чап оёғингизни ёки чап қўлингиз ва ўнг оёғингизни кесдириб ташлайман. Сўнгра эса янада қаттиқроқ қийналишингиз учун ҳаммангизни хурмо дарахтларига остираман”. Фиръавн бу жазони бекорга топмаган эди, қўл ва оёқларнинг қарама-қарши томондан кесилиши одамни бутунлай ногирон қилиб, ҳеч бир ишга ярамайдиган қилиб қўйган бўлур эди.
Аслида сеҳргарлар Мусо алайҳиссалом тарафидан намойиш қилинган илоҳий мўъжизани ўз кўзлари билан кўриб, Фиръавнга қўшилиб залолатда юрганларини тўла тушунгач, ҳақиқатни англаб етганлари учун имонга келишган эди. Аммо Фиръавн уларни жиноятчи деб эълон қилди. Устозлари Мусо билан келишиб олиб, ҳукмдорни шарманда қилиш, унинг қўлидан салтанатни тортиб олишга уринишда айбламоқда. Бу гапларни халқ оммасининг олдида айтаётгани ҳисобга олинса, у бу билан ҳақ йўлга, Аллоҳнинг йўлига юрган кишиларни халойиққа жиноятчи қилиб кўрсатишга уринаётгани аён бўлади. Айни чоғда Фиръавн ўзига қарши бўлган ҳар қандай одамнинг шафқатсизларча жазоланишини эълон этиб, халқни қўрқитмоқда.

50. Улар айтишди: «Зарари йўқ. Зеро, бизлар Парвардигоримизга қайтувчилармиз;
Фиръавн қанчалар ғазабини сочиб, таҳдидини кучайтирмасин, дўқ-пўписа қилмасин, сеҳргарлар энди ҳақ йўлдан қайтмасликка, қайтадан имонсизлик сари юз бурмасликка аҳд қилишди.Улар сира иккиланмай, сабот билан Фиръавнга қарата “Нима қилсанг, сенинг ишинг, бизлар эса Парвардигоримизга албатта қайтувчилармиз”, дейишди. Яъни, сен бизларга дўқ-пўписаларинг билан асло зарар етказа олмайсан. Биз ҳақ йўлда ҳамма нарсага, ҳатто машаққат ва уқубатларга ҳам тайёрмиз. Биз, ҳеч бир шубҳасиз, мўминлармиз ва бир куни келиб Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг ҳузурига албатта қайтишимизни яхши биламиз.

51. биринчи имон келтирганлар бўлганимиз учун Парвардигоримиз хато-гуноҳларимизни кечиришини умид қиламиз».
Яъни, бизлар аввал залолатда эдик, Фиръавнга сиғинар, сеҳр билан шуғулланар эдик. Ҳақ келгач, унга имон келтирганларнинг энг аввалги сафида бизлар бўлдик. Шу сабабли ҳам мағфирати беқиёс, раҳмати улуғ бўлган Зот - Аллоҳ таоло аввалги хато-гуноҳларимизни мағфират қилишидан, бизларнинг ўзининг имонли бандалари сафига қўшишидан умид қиламиз.
Инсоният тарихига назар ташлар эканмиз, ҳамиша ҳақнинг ботил устидан ғалаба қозонганини кўрамиз. Қалбига ҳақиқий имон нури тўлган инсонлар Аллоҳга бўлган буюк ишончлари сабабли ҳар қандай қийинчилик ва зулмларга осонгина дош беришади. Қалбларида имон нури зиёдалашгани сари қалблари Парвардигорларига тобора маҳкамроқ боғланаверади. Улар ҳар бир ишда фақат Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ҳаракат қилишади. Турганларида ҳам, ётганларида ҳам гуноҳларига Роббиларидан мағфират сўрашади, Унинг раҳматидан умидвор бўлишади. Чинакам имон кишини мана шундай ўзгартириб юборади. Ҳозиргача Фиръавнга топиниб келган, ҳозиргина ундан мукофот кутиб, унинг иззати билан қасам ичган сеҳргарлар имонга келган заҳотилари золим ва туғёнга кетган ҳукмдордан заррача қўрқмай қўйишди. Улар имонлари йўлида ҳатто ўлимга ҳам тайёр эканларини баралла айтишдан ҳам чўчишмади. Шу тариқа имон доимо куфр ва туғённинг устидан ғолиб чиқади. Сеҳргарлар билан Мусо алайҳиссалом орасидаги олишув ҳам имоннинг куфр ва туғён устидан ғалабаси тантанасига айланиб кетди. Аммо золим ҳукмдорларнинг куфр ва туғёни ўзларидаги моддий имкониятлар ҳамда куч-қувватни имонга қарши ишлатишга чорлайверади. Мусо алайҳиссалом билан бўлган барча жабҳалардаги тортишувларда мағлуб бўлган Фиръавн юзидаги пардани шармандаларча сидириб ташлаб, Мусо алайҳиссаломга эргашган имон аҳлини жисмонан йўқ қилиш режасини туза бошлади. Шунда Аллоҳ таолонинг ўзи Мусо алайҳиссаломга йўл кўрсатди.

52. Биз Мусога «Бандаларим билан тунда йўлга чиқ. Албатта изингизга тушишади», деб ваҳий юбордик.
Яъни, Бани Исроил билан тунда денгиз томонга юринглар, чунки албатта сизларни изингиздан қувиб келишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятда Бани Исроил қавмини “бандаларим” деган лутф билан тилга олмоқда. Чунки улар кўп йиллар Фиръавннинг зулми ва қонли қиличи остида қаттиқ азият чекиб, жабрситамга қолиш-ан эди. Аллоҳ таоло ҳамиша мазлумларни ҳимоя қилиб келган. Фиръавн ва аъёнларининг нияти бузилганини сезмаган Мусо алай-ҳиссалом ва унинг издошларига Аллоҳ тунда шаҳарни тарк этиб, денгиз томонга қочишни буюрмоқда. Чунки тез орада Фиръавн ва унинг қўшини имонли бандаларни таъқиб қилишни бошлаб юбориши Аллоҳгагина аён эди.
Ҳамма нарсага қодир, ҳар бир ишнинг ҳикматини олдиндан билувчи Аллоҳ вақти келиб Фиръавн ва унинг лашкарлари қисматига битилган ишни қилди, мўминларни қутқариб, золимларни денгиз қаърида ҳалок қилди. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни пайғамбар қилиб юбораётганида «Икковингиз бораверинг, Мен сизлар билан биргаман», деган эди. Шунинг учун ҳам Мусо ва Ҳоруннинг Фиръавн билан тўқнашувининг бошидан охиригача ушбу ҳолат ва ёрдам алоҳида сезилиб туради. Шу жумладан, Фиръавн Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни тамоман йўқ қилиб ташлаш учун тайёргарлик кўриб аскар тўплаётганида, Аллоҳнинг Ўзи Мусо алайҳиссаломга зарур йўлни кўрсатди.

53. Шунда Фиръавн шаҳарларга йиғувчиларни юборди:
Ояти каримадаги “йиғувчилар”дан мурод, одамларни маълум жойга, муҳим бир ишни амалга ошириш учун тўплаб келадиган кишилардир. Уларга Фиръавннинг амрини бажариш учун юз минг кишидан ортиқ катта бир қўшинни тўплаш вазифаси топширилди. Яъни, Фиръавн Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилнинг шаҳардан бош олиб чиқиб кетганини эшитиб, одамларни сафарбар қилиш учун мамлакатидаги турли шаҳарларга ўз вакилларини юборди. Шу билан бирга, шаҳарларга кетган вакиллар Мусо алайҳиссаломга эргашган мўминларга қарши ташвиқот ишларини ҳам олиб боришар эди.

54. «Аниқки, анавилар озчилик кимсалардир;
Ояти каримадаги “ширзиматун қолилун” жумласи ўзбек тилида “бир ҳовуч ялангоёқлар” маъносини билдиради. Қочиб кетган одамларнинг жуда кўплигини сезиб қолган ҳукмдор уларга бас кела оладиган катта кўшин тўплашга эришди. Қўшинга руҳ ва шижоат бағишлаш мақсадида “анавилар жуда озчилик, бир ҳовуч яланг-оёқлардир” дейишга мажбур бўлди. Ваҳоланки, тарихчиларнинг айтишларича, ўша пайтда Мусо алайҳиссалом билан бирга бўлган бани исроилликларнинг умумий сони олти юз минг нафар бўлган экан. Бу рақам ўша вақт мезони билан ўлчанганда жуда катта сондир. Шунинг учун ҳам Фиръавн шаҳарларга одам юбориб, оммавий сафарбарлик эълон қилишга, айни чоғда худди ўша вакиллари орқали мўминларга қарши ташвиқот ўтказишга ҳаракат қилди. Фиръавннинг ғазаби ва алами шу даражага етган эдики, қочиб кетганларни “Аллоҳга имон келтирганлар” ёки “Мусога эргашганлар”, ҳеч бўлмаганда “биздан юз ўгириб кетганлар” демасдан, камситиш ва оз кўрсатиш мақсадида “анавилар” дейишгача борди. У ҳатто уларнинг сонини ҳам аниқ айтмай, “озчилик” дейиш билан кифояланди. Чунки «олти юз минг» деса, сири фош бўлиб қолишидан қўрқади. Фиръавн каби салтанатини куфр ва ширк устига қурган ҳукмдорлар ана шундай дўппи тор келиб қолганида ҳар қандай ҳийла ва ёлғондан ҳам тап тортишмайди, одамларни алдашдан ҳам уялишмайди.

55. дарҳақиқат, улар бизларни ғазаблантирувчилардир;
Яъни,ўзлари озчилик бўлишларига қарамай, рухсатсиз чиқиб кетишлари, айтган сўзлари ва қилган ишлари билан бизни ўта дарғазаб қилишди, аччиғимизни чиқаришди. Бундан ҳам оғири қанчалаб одамларимизни ўз динини тарк этишга ундашлари бўлди. Биз уларни бу ҳолда индамай қолдириб қўймаймиз.

56. бизлар албатта эҳтиёткор жамоамиз».
Яъни, улар қанчалик макр-ҳийла қилиб, бизни ғафлатда қолдиришган бўлмасин, биз ҳамиша сергактурамиз,уларнингҳийлаларидан хабардормиз, алдовларига лаққа тушмаймиз. Демак, улар бизга заррача ҳам таҳдид қила олишмайди. Фиръавннинг ушбу сўзлари замирида унинг аслида Мусо алайҳиссаломдан қўрққани, унинг режаларидан хавфсирагани кўриниб турибди. Фақат у шундай баландпарвоз гаплар ва асоссиз мақтовлар билан ўзини овутмоқда, қавмини уларнинг ортидан таъқиб қилиб чиқишга ундамоқда. У одамларига иложи борича ўзидаги ҳадик ва хавотирни сездирмасликка уринмоқда. Аммо бундай золимларнинг алдовлари узоққа бормайди. Вақти-соати етиб, Аллоҳнинг балосига йўлиққанларида ҳамма гаплари, барча ташвиқотлари пуч экани аён бўлади. Фиръавн ва қавмининг оқибати ҳам шундай бўлди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло келгуси оятларда хабар бериб, шундай дейди:

57. Шунда уларни чиқардик, боғ-роғлар ва булоқлардан;
Қуйидаги ояти карималар орқали Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини қандай аҳволга солишни ирода қилганини баён этади: “Энг аввало, Биз уларни ўзлари яшаб турган боғу бўстонлар, ичиб турган лаззатли ва чучук сувли булоқлардан айириб-узиб олиб, ором ва фароғатларини бузган ҳолда тинч ҳаётларидан ҳайдаб чиқардик.

58. хазиналар ва шинам маскандан.
Фиръавн ва унинг қавмига ато этилган неъматлар фақат сўлим боғ-роғлардан ва зилол суви ичилаётган булоқлардан иборат эмас эди. Уларга беҳисоб бой [иклар яширинган хазиналар, фойдаланишга қулай покиза ва шинам уй-жойлар ҳам бериб қўйилган эди. Аллоҳ уларнинг ўзларини ҳалок қилишни ирода қилгани каби бу қулайликларнинг барини ҳам йўққа чиқарди.

59. Шундай қилиб, уни Бани Исроилга мерос қилиб бердик.
Яъни, «Ўша серҳосил боғроғлар, чучук сувли булоқлар, беҳисоб хазиналар ва гўзал масканлар Фиръавн ва унинг қавмидан кейин Бани Исроилга мерос бўлиб қолди».
Баъзи муфассир уламоларнинг таъкидлашларича, “Бани Исроил қавми Фиръавн ва унинг лашкарлари ҳалокатидан сўнг Мисрга қайтиб келмаган, “уни мерос қилдик” жумласидаги “уни” сўзи боғ ва масканларга тегишли эмас”. Шу сабабли бу муфассирлар “Бани Исроил ҳам худди Фиръавн ва унинг аъёнлари эга бўлган неъматларга эришган. Уларники каби боғу бўстонлар, ширин сувли булоқлар, бойлик ва покиза масканлар уларга ҳам ато этилган”, дейишади.
Фикримизча, Аллоҳ таолонинг “уни мерос қилдик” оятидаги “уни” олмоши боғ, булоқ, хазина ва масканларга тегишлидир. Мусо алайҳиссалом ва унинг қавми фиръавнийлар ҳалокатидан кейин маълум вақт ўтгач, Мисрга қайтиб келган. Кейин Мусо алайҳиссалом буюрган томонга - Муқаддас заминга қараб йўл олган. Ушбу фикримизни қуйидаги ояти карима ҳам тасдиқлайди: “Ўзимиз баракотли қилган ернинг шаркрю ғарбига бу бечора қавмни меросхўр крлдик. Сабр қилганлари туфайли Парварднгорингизнинг Бани Исроилга чиройли ваъдаси амалга ошди. Фиръавн ҳамда унинг қавми курган ва тиклаган нарсаларини вайрон қилдик” (Аъроф, 137).

60. Тонг пайтида уларнинг изига тушишди.
Яъни, Биз Фиръавн ва уш нг қавмини яшаб турган маконларидан, ҳатто бойликларини ҳам ташлаб чиқишларини ирода қилдик. Золим ҳукмдор ва унинг лашкарлари қичиқаётган пайтда Мусо алайҳиссалом ва унга эргашган мўминларнинг изига тушишди.

61. Икки жамоа бир-бирини кўргач, Мусонинг шериклари: «Энди қўлга тушдик», дейишди.
Ҳар бир гуруҳ душманини аниқ кўра оладиган даражада бир-бирларига яқинлашганида Фиръавннинг одамлари кўриниши билан Мусо алайҳиссалом билан кетаётган Бани исроилликларнинг қалбига ғулғула, қўрқув тушди. Ортларидан катта сонли аскар бостириб келмоқда, олдиларида денгиз турибди, қутулиб кетишга умуман кўзлари етмай, «Тамом, энди қўлга тушдик», дейишди. Бир қарашда бу қўрқув ва ҳадик ўринли эди. Одатда бундай пайтларда қочиб қутулишнинг асло иложи йўқ. Аммо Мусо алай-ҳиссалом бошқа фикрда эди. У киши Парвардигорнинг мўминлар билан бирга эканини бир лаҳза ҳам ёддан чиқармади, Аллоҳ таолонинг ёрдами ва нусратидан ноумид бўлмади. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг пайғамбари ҳозир Фиръавннинг аскарлари бостириб келишини ҳам, денгиз йўлни тўсиб қўйишини ҳам, Бани Исроилнинг ваҳима кўтаришини ҳам парвосига келтирмади, хотиржам ҳолда шундай деди:

62. У: «Йўқ, аниқки Парвардигорим мен билан, У менга йўл кўрсатади», деди.
Мусо алайҳиссалом қавмининг саросимага тушганини кўргач, қатъий ишонч ва сабот билан “Йўқ, ундай эмас, улар бизга асло ета олишмайди, фақат сизлар саботли бўлинглар, ҳаргиз қўрқманглар! Зеро, Парвардигорим мен билан биргадир. У Зот менга ҳидоят ва нажот йўлини кўрсатади”, деди. Энг таҳликали, умидсиз, чорасиз пайтларда ҳам ўзини йўқотмаслик, умидсизланмаслик мўмин кишига хос хусусиятдир. Чунки ҳақиқий мўмин одам Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини, Ўзига ёлборган, Ўзидан умид қилган бандасини қаровсиз ташлаб қўймаслигини яхши билади. Дарҳақиқат, ҳаммаси Мусо алайҳиссалом айтганидек бўлиб чиқди. Аллоҳ таолонинг Ўзи унга ва у кишига эргашганларга нажот йўлини кўрсатиб қўйди.

63. Ўшанда Мусога: «Асоинг билан денгизни ургин!» деб ваҳий қилдик. Шунда (денгиз) бўлиниб, ҳар бўлаги улкан тоғ-дек бўлди.
Мусо алайҳиссаломнинг Парвардигор нусратини кутиши узоққа чўзилмади. Ўша қийин вазиятда меҳрибон Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига тезлик билан нажот йўлини кўрсатди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Ўзи мўъжиза қилиб берган асо билан денгизни уришга буюрди. Мусо алайҳиссалом Парвардигорининг амрига қу-лоқ солиб, асо билан денгизга урди. Денгиз шу заҳоти иккига бўлинди. Икки бўлаги ҳам улкан тоғдек бўлиб туриб қолди. Мусо алайҳис-салом ва Бани Исроилга Қулзум (ҳозирги Қизил денгиз дейишади) денгизидан ўтиб кетиш учун йўл очилди. Ривоятларга қараганда, Фиръавн ғарқ бўлган денгиз Қулзум деб аталган. Бу ном “қолзама-тун”дан ясалган бўлиб, “ютиб юбормоқ” маъносини билдиради. Чунки Қулзум денгизига тушган одам у томонидан ютиб юборилар ёки албатта чўкиб кетар эди.

64. Бошқаларни ҳам ўша ерга яқинлаштирдик.
Яъни, Биз қудратимиз ва ҳикматимиз билан Фиръавн ва унинг қўшинини Мусо алайҳиссалом билан унинг қавмига яқинлаштирдик. Шунда фиръавнийлар ҳам Бани Исроил каби денгиз ўртасидан очилган қуруқ йўл орқали юра бошлашганида денгиз ўз тўлқинлари билан уларни қаршилади ва сув устларидан ёпирилиб, барчалари денгиз қаърида қолиб кетишди. Бу нарса уларнинг денгизда ғарқ бўлишлари учун қилинди.

65. Мусо ва у билан бирга бўлганларнинг ҳаммасини қутқардик.
Аллоҳ таоло ҳақ йўлдаги Мусо ва унинг издошларига нажот берди. Натижада Мусо алайҳиссалом ва у кишига эргашганлар эсон-эмон қирғоққа чиқиб олиб, ҳам Фиръавннинг зулмидан, ҳам денгиз ҳалокатидан қутулиб қолишди. Золим Фиръавн эса барча лашкарлари билан денгизга қараб кела бошлади.

66. Сўнгра бошқаларни ғарқ қилиб юбордик.
Бани Исроилнинг изидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг аскарлари Мусо тарафдорларининг очилган денгиз йўлидан бехатар ўтиб олганини кўргач, улар ҳам ўйлаб ўтирмай ўша йўлга тушиб олишди. Ҳаммалари денгиз йўлига тўла тушиб бўлганидан кейин улкан тоғ каби ҳайбат билан тўхтаб турган денгиз яна ҳаракатга келиб, ҳаммаларини ғарқ қилиб юборди. Золим қавмдан бирортаси ҳам қолмай, барчаси ҳалок бўлиб кетди.

67. Албатта бунда аломат бор, лекин кўплари мўмин бўлишмади.
Ушбу қисса ҳам бошқалари каби бандаларни ақл юритишга ундан билан ниҳояланади. Юқорида кўп ўринларда таъкидлаб ўтилганидек, замину коинотда, инсоннинг атрофидаги барча мавжудотларда Аллоҳнинг қудрати ва яратувчилигига далолат қилувчи беҳисоб аломат ва мўъжизалар бор. Мусо алайҳиссалом ва унга эргашган мўминларни қутқариб, уларни таъқиб қилиб борган фиръавнийларнинг барини ҳалок қилиш ҳам ана шу мўъжизаларнинг биридир. Банда эса ана шу илоҳий мўъжизалардан ибратланиши, бу ҳақда тафаккур қилиши, оқибатда эса Аллоҳнинг Биру Борлигига имон келтириши лозим. Аллоҳ ҳидоятга бошлаган инсонлар ана шу йўлдан бориб, Аллоҳнинг маърифатига эришадилар, залолатда қолганлар эса умрларини ғафлат ва куфрда ўтказиб, ҳасрат-надоматда қоладилар.

68. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир.
Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг қудратига асло шубҳа бўлиши мумкин эмас, У бир лаҳзанинг ичида куфр келтирган мингларча одамни ер юзидан йўқотиб юбориши мумкин. Айни пайтда Унинг бандаларига ўта раҳмли эканига ҳам асло шубҳа бўлиши мумкин эмас. У бандаларининг куфрдан бошқа барча гуноҳларини кечириб, охиратда жазоламаслик ваъдасини ҳам берган. Бу икки оятнинг тафсири юқорида келди. Шунингдек, сурадаги ушбу икки оят саккиз марта такрорланиши ҳам ўша ўринда айтилган эди.
Шундан кейин Аллоҳ таолонинг улуғ пайғамбарларидан Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссалари бошланади.

69. (Эй Муҳаммад), уларга Иброҳимнинг хабарини тиловат қилиб беринг.
Яъни, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Макка аҳлига пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломнинг хабарини тиловат қилиб беринг, унинг қиссасини уларга етказинг. Зеро, улар ўзларини унинг наслидан деб, унинг диёнати-эътиқодига эргашамиз, деб даъво қилмоқда. Иброҳим алайҳиссалом эса улардан ҳам, уларнинг ширкидан ҳам покдир.

70. Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деган эди.
Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси Озар ҳам, қавми ҳам залолат йўлидан бориб, бут-санамларга сиғинар эди. Иброҳим алай-ҳиссалом буни яхши билгани учун отасига ва қавмига “Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган бу нарсаларингизнинг ўзи нима?” деган савол билан мурожаат қилди. У кишининг «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деган саволи аслида инкор этиш учун берилди. Иброҳим алайҳиссаломнинг саволига уларнинг жавоби эса қуйидагича бўлди:

71. Улар: «Санамларга ибодат қиляпмиз ва уларга топинишда давом этаверамиз», дейишди.
Яъни, бизлар бу санамларга содиқлигимизча қолиб,уларга сиғинишда бардавом бўлаверамиз. Бу қандай кўргиликки, улар ботил нарсаларга сиғинаётганлари билан мақтанишмоқда. Агар инсоннинг фаҳм-фаросати, ақл-идроки сусайса, у лозим бўлмаган, ҳатто қилишдан хижолат бўлинадиган ишлар билан ҳам фахрланаверар экан. Ушбу ояти карималарда, айниқса Макка мушрикларига қарши катта зарба бор. Улар ўзларини Иброҳим алайҳиссаломнинг мерос-хўрлари, у зот қурган Каъбатуллоҳнинг мутасаддилари ҳисоблаб, бу билан бошқаларнинг олдида фахрланиб юришарди. Ҳақиқат эса бутунлай бошқача бўлиб чиқмоқда. Иброҳим алайҳиссалом ҳаниф динда бўлганлар, ҳеч қачон бут-санамларга сиғинган эмаслар, балки уларга қарши курашиб ўтганлар. Макка мушриклари эса бут-санамларга сиғинишади. Улар ҳатто Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг амри билан қурган Каъбатуллоҳнинг атрофини бут-санамлар билан тўлдириб юборганлари етмагандек, Каъба ичига ҳам уч юз олтмишта бутни олиб киришган эди. Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тавҳидга чақирсалар, бутун вужудлари билан қарши чиқиб турибдилар-у, қандай қилиб Иброҳим алайҳиссаломнинг энг яқин эргашувчиларимиз, унинг эътиқодидамиз, деб даъво қила оладилар? Иш шу билан якунландики, Макка фатҳи куни Муҳаммад алайҳиссалом бошлиқ Ислом лашкари ушбу бутларни яксон қилиб, Аллоҳнинг уйини улардан тозалади, ботил кетиб, ҳақ қарор топди, шу кундан бошлаб ер юзида Ислом динининг музаффарона юриши бошланди.

72. У айтди: «Дуо-илтижо қилганингизда улар сизларни эшитишадими?;
Қавм итоатсизлик кўрсатавергач, Иброҳим алайҳиссалом уларни жаҳолат уйқусидан уйғотадиган бир неча саволлар билан мурожаат қилди: “Сизлар сиғинаётган ўша бут-санамларингиз дуо қилсангиз эшитадими? Агар ибодат қилсангиз, буни ҳис қила оладими?”. Улар жонсиз тош, ёғоч каби нарсалардан ясалган бўлса, нимани ҳам эшита оларди? Улар ўзлари ёрдамга муҳтож бўлгани ҳолда сизларга қандай кўмакка келсин?

73. ёки сизларга фойда ё зарар етказа олишадими?»
Илоҳ саналган нарса ҳеч бўлмаганда ўзига илтижо қилаётган одамнинг сўзини эшитиши керак. Ёки у ўзига топинганларга фойда, инкор қилганларга зарар етказиши ҳам лозим. Унинг фойдасидан умидвор бўлинса, зарар етказишидан хавотирланилса, Унга ибодат қилса ярашади. Хўш, сизнинг санамларингиз бирор фойда ёки зарар етказа олишадими? Қавм пайғамбарнинг бу ҳақли саволларга жавоб беришдан ожиз эди. Чунки жавоб беришса, ўзлари шарманда бўлишлари аниқ. Санамлари уларнинг илтижосини эшитмаслиги ҳаммага маълум. Ўзлари тош ёки ёғочдан йўниб, ясаб олган ҳайкаллари нимани ҳам эшита олар эди? Шунингдек, бу санамлар мушрикларга ҳам, ўзларига ҳам фойда-зарар бера олмайди. Жонсиз нарса қандай қилиб фойда ёки зарар етказсин?!

74. Улар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг шундай қилишганини кўрганмиз», дейишди.
Иброҳим алайҳиссаломга нима деб жавоб қайтаришни билмай қолган мушриклар осонгина ҳаммасини ўтиб кетган ота-боболарига тўнкаб қўяқолди: «Йўқ, бут-санамлар дуо-илтижоларимизни эшитмайди, бизга фойда ҳам, зарар ҳам етказолмайди. Аммо ота-боболаримизнинг санамларга шундай сиғинишаётганини кўрганмиз ва бизлар ҳам улар каби топиняпмиз». Бу “кўр-кўрона тақлид” дейилади. Ўз ақлини ишлатмай, масаланинг моҳиятини англаб ҳам ўтирмай бировга тақлид қилавериш ақлли одамнинг иши эмас. Иброҳим алайҳиссалом мушриклардан бу жавобни эшитгач, уларнинг ботил маъбудларига қарши очиқ адоватини эълон қилди:

75. (Иброҳим) айтди: «Нимага ибодат қилаётганингизни (ўйлаб) кўрдингизми;
Иброҳим алайҳиссалом қавмининг бут-санамларга сиғиниб юришига ҳайратланар, уларга “Ўз қўлларингиз билан ясаган нарсаларга сиғиниб юраверасизларми?” деган саволлар берарди. Қавм эса: “Буни бизга отанг ўрганган, унинг ўзи ҳам бутларга сиғинади” деб жавоб берди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом уларга “Аниқки, отам ҳам, сизлар ҳам йўлдан адашган кимсалардансиз”, деди.

76. сизлар ва олдинги ота-боболарингиз ҳам?!;
Яъни, сизлар ҳам, аввалда ўтиб кетган ота-боболарингиз ҳам Аллоҳни қўйиб сиғинаётган ушбу бут-санамлар ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми, фикр юритдингларми? Барча махлуқотларнинг ягона яратувчиси, жамики жонзотларга ризқ берувчи, бутун оламларнинг танҳо эгаси бўлмиш Аллоҳ таолони қўйиб, жонсиз ва ожиз бутларга сиғинишингиз ҳеч бир соғлом фикрли инсоннинг иши эмас!

77. шубҳасиз, оламлар Парвардигоридан бошқа уларнинг ҳаммаси менга душмандир;
Иброҳим алайҳиссалом айтяптики, дарҳақиқат, ёлғиз Парвардигордан бошқа бут-санамлар ҳам, уларга сиғинаётган мушриклар ҳам менга душмандирлар, мен ҳам улар билан хусуматлашаман. Чунки бутларга сиғиниш ботил амалдир. Мен бутун оламларнинг Парвардигори бўлган ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзинигина яхши кўраман, Унгагина ибодат қиламан, Унгагина садоқат билан итоатда бўламан. Сабаби - У Зот мени Ўз қудрати билан яратди ва турли неъматлари билан сийлаб қўйди. “Кашшоф” тафсирида шундай дейилган: “Иброҳим алайҳиссалом “улар менга душмандир” дедилар, аксинча “улар сизларга душмандир” демадилар. Бундан кўзланган мақсад, аввал ўзига насиҳат қилиб, сўнг уни бошқаларга тушунтиришдир. Бу нарса ўша қилинаётган даъватнинг таъсир кучини оширишга ёрдам беради. Иброҳим алайҳиссалом гўё шундай дедилар: “Мен ўйлаб кўриб, сизларнинг бут-санамларингизга ибодат қилиш худди душманга ибодат қилиш эканини англаб, улардан узоқлашдим ва барча яхшиликларни ато қилган Зотга ибодат қилишни афзал билдим”. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Бир киши у зотга бир неча ёмон сўзлар билан туҳмат-бўҳтон қилди. Сўнгра Шофеъий “Агар сен айтётгандек бўлса, одоб-ахлоққа муҳтож эканман”, деди”.
Сўнгра Иброҳим алайҳиссалом қавмга оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳ таолони васф қилишга киришди:

78. У мени яратган, мени ҳидоят қиладиган ҳам Ўзидир;
Осмонлар ва Ерни ҳам, улар орасидаги барча мавжудотларни ҳам яратган Аллоҳ таоло мен каби барча инсонларни ҳам Унинг Ўзи халқ қилган. У инсонларни яратибгина қолмай, уларга икки дунё саодатига эришиш йўлларини кўрсатди, уларни ҳидоят ҳам қилди, яъни тўғри йўлга йўллаб қўйди. Аллоҳнинг ҳидоят йўлини инкор қилган бадбахт кимсалар эса залолатда қолиб, икки дунё бахтидан мосуво бўлдилар. Шуниг учун мен ана шу буюк қудрат соҳибига то-атда бўлиб, Унгагина ибодат қиламан. Ўша Зотнинг ўзи мени ҳидоятга бошлайди.

79. мени едириб-ичирадиган ҳам Ўзидир;
Аллоҳ таоло инсонларни ва бошқа махлуқотларини яратибгина қолмади, балки уларни тириклик асоси, манбаи бўлган кундалик ризқ, ҳаёт учун керакли ашёлар билан ҳам таъминлади. У барча инсонлар каби мени едиради ва ичиради, маскан, улов, кийим-кечак ва бошқа нарсаларни ато қилади. Ер юзида ўрмалаган нарса борки, у одамзодми, ҳайвон ва паррандами, ҳашарот ёки қурт-қумурсқами, ҳамма жонзотнинг ризқи ёзиб қўйилган. Ўтиб бўлмас чангалзор-лару, фақат қумдан иборат саҳроларда, тошдан иборат тоғлардаю, шимолий музликларда - ҳамма жойда ризқ топиш имкони бор.

80. беморлигимда шифо берадиган ҳам Ўзидир;
Тафсирчи уламоларимиз шу ўринда Иброҳим алайҳиссаломнинг юксак одоб намунасини кўрсатганини эслатиб ўтишади. У киши бемор бўлишни ўзларига, шифо беришни Аллоҳ таолога нисбат бердилар. Зотан, банданинг беморлиги ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. «Дард Худодан, шифосини ҳам Унинг Ўзи беради», дейишади. Ҳақиқатан, ҳеч бир хасталик ўзича пайдо бўлмайди ёки сиз қанчалик авайлансангиз ҳам, энг муҳим чора-тадбирларни қўлласангиз ҳам, дарддан қочиб қутула олмайсиз. Хасталик келганида эса энг номдор хозиқ табиб ва шифокорлар жон куйдирса ҳам, энг қимматбаҳо ва ноёб дори-дармон ёки муолажа усуллари қўлланса ҳам, Яратганнинг Ўзи шифосини бермаса, ундан фориғ бўла олмайсиз.

81. мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам Ўзидир;
Бу ердаги “тирилтириш”дан мурод, Қиёмат куни ҳар бир маййитга жон киритилиши тушунилади. Яъни, мен ибодат қилаётган Парвардигоримнинг сифатларидан яна бири - ажалим етгач, Ўз қудрати билан дунёда жонимни олади ва Ўз қудрати билан тирилиш ва ҳисоб куни яна мени ҳаётга қайтаради. Демак, мени ўлдирадиган ҳам, у дунёда қайта тирилтирадиган ҳам ёлғиз Унинг Ўзидир.

82. қиёмат куни хатоларимни мағфират қилишидан умид қилганим ҳам Ўзидир;
Ушбу ояти каримада қиёматнинг номларидан бири “явмаддин” (жазо куни) келган. Чунки ўша кунда одамлар ҳисобга тортилиб, жазо ёки мукофот оладиган кундир. Иброҳим алайҳиссалом “мендан ўтган гуноҳларни Парвардигорим ўша кунда авф этишини умид қиламан”, демоқда. Чунки у кунда оламлар Парвардигоридан бошқа ҳукм юритувчи бўлмайди, фақат Унинг Ўзигина ҳукм чиқаради. Бандаларни авфу мағфират қилиш ҳам фақатУнинг ихтиёрида бўлади. Демак, мушрикларнинг илтижони эшита олмайдиган, фойда ёки зарар келтира олмайдиган санамларидан фарқли ўлароқ, оламлар Парвардигори ҳамма нарсага қодирдир. У одамларни ва бошқа мавжудотларни йўқдан бор қилиб яратади, ҳидоятга йўл-лайди, едиради, ичиради, шифо беради, ўлдиради, қайта тирилтиради, қиёмат куни эса гуноҳларини мағфират қилади.
Мазкур ояти карима Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло билан одобнинг энг юқори даражасида муносабатда бўлганларини кўрсатади. У киши ўзларидан кейин келадиган мусулмон умматига ўрнак бўлиши учун Аллоҳ таолонинг мағфиратини сўраяпти, гуноҳ-маъсиятдан узоқ бўлишни таъкидлаб, Аллоҳ таолога доимо хавф ва ражо (умид) билан дуо қилишни таълим бермоқда. Бу ишда Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзи ўрнак кўрсатиб, мушрикларга Аллоҳ таолонинг сифатларини васф этиб бўлганидан кейин Парвардигорига илтижо билан дуо қила бошлади:

83. Парвардигорим, менга ҳикмат ато эт ва мени солиҳларга қўшгин;
Парвардигорим, менга ҳикмат, яъни илм бергин, у билан ҳақни ботилдан, тўғрини нотўғридан, яхшини ёмондан, фойдани зарардан, ҳалолни ҳаромдан ажратадиган бўлай. Мени Ўзинг рози бўладиган ва улар ҳам Сендан рози бўладиган солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин! Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзи улуғ пайғамбар бўлатуриб, Аллоҳдан ўзини солиҳ бандаларга қўшишини сўраши камтарликнинг олий намунасидир. Айни чоғда у зот бу гапи билан аҳли солиҳларнинг мартабасини ҳам кўтармоқда.

84. яна кейингиларда мен ҳақимда рост мақтовни жорий қилгин;
Яъни, «Ўтиб кетганимдан кейин ҳам одамлар мени қиёматгача яхшилик билан эслаб юрадиган қилгин». Ҳазрати Иброҳимнинг ушбу илтижоларини Аллоҳ таоло қабул айлаб, бутун Ислом умматига намозларида у кишига ва хонадонларига дуруд-салавотлар йўллашни амр қилди. “Салавоти Иброҳимийя” ушбулардир: «Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадив ва ъалаа али Муҳаммад. Кама соллайта ъалаа Иброҳима ва ъалаа али Иброҳим. Иннака ҳамидум мажид. Аллоҳумма барик ъалаа Муҳаммадив ва ъалаа али Муҳаммад. Кама барокта ъалаа Иброҳима ва ъалаа али Иброҳим. Иннака ҳамидум мажид». (Маъноси: Аллоҳим! Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтига Ўз раҳматингни нозил қилганингдек, Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оила аъзоларига Ўзингнинг зиёда раҳматларингни нозил қилгин! Албатта, Сен мақталган,улуғланган Зотсан! Аллоҳим! Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳли байтига Ўз баракангни нозил қилганингдек, Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оила аъзоларига Ўз баракангни нозил қилгин! Албатта, Сен мақталган, улуғланган Зотсан).

85. яна мени наъим жаннати ворисларидан қилгин;
Ояти каримадаги “наъим” сўзи жаннатнинг сифатларидан бири бўлиб, “неъматларга ғарқ бўлган, неъмат тўла” маъноларини билдиради. Яъни, Иброҳим алайҳиссалом Парвардигоридан Одам алайҳиссаломдан мерос қолган турфа неъматларга тўла жаннатга ворис қилишни, неъматли жаннатга киритишни, охиратда жаннатида мангу қолувчилардан қилишини сўрамоқда.

86. отамни ҳам мағфират қилгин. У шубҳасиз адашганлардан бўлди;
Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси Озар ўғлининг қаттиқ ўтинчига қарамай, имонга келмаган, бутларга сиғинувчи киши бўлган. Бу ҳам қолиб, у тошдан санамлар йўниш билан шуғулланарди. Шунинг учун ҳам отанинг Аллоҳга душманлиги аён бўлишидан олдин у киши ўзининг кофир отаси ҳаққига дуо қилиб, мағфират сўраган эди. Пайғамбар отасининг мусулмон бўлишидан умидворликда бу дуони қилган эди, ҳақиқат маълум бўлганида эса дуони тўхтатди.

87. қайта тириладиган Кунда мени шарманда қилмагин».
Иброҳим алайҳиссалом яна Парвардигорига илтижо қилиб айтяптики, барча инсонлар қайта тирилтирилиб, ҳисобга тортиладиган, куфр ва ширк эгалари дўзах билан жазоланадиган, имон ва ҳидоят соҳиблари учун жаннат мукофот қилиб бериладиган Қиёмат куни мени сарсонликда шарманда қилиб қўймагин, айбларимни беркитгин. Аллоҳ таоло айтади: “Биз албатта пайғамбарларимизга ва имон келтирган зотларга дунё ҳаётида ҳам, гувоҳлар ҳозир бўладиган кунда (ҳиёматда) ҳам ёрдам берурмиз” (Ғофир, 51).

88. У Кунда мол-давлат ҳам, ўғиллар ҳам фойда бермайди.
Қиёмат куни инсоннинг дунё ҳаётида тўплаган беҳисоб мол-давлати ҳам, қўша-қўша ўғиллари ҳам, обрў-мартабасию эришган мавқелари ҳам асло ёрдам бермайди. Чунки у ишониб юрган бу тиргаклар дунё ҳаётида қолиб кетган ё ки ўша кунда ўзи билан ўзи овора бўлиб қолган. У кунда фақат соғлом имон, солиҳ амаллар, савобли ишларгина банданинг жонига ора киради, ёрдамга келади.

89. Аллоҳ ҳузурига саломат қалб билан келганларгина мустасно.
Инсоннинг гўзал ва мусаффо қалби Аллоҳнинг инсониятга ато этган энг буюк мўъжизасидир. Инсон нима қилганида унинг қалби саломат ва покиза бўлади? Бу йўлдаги дастлабки иш ғафлат уйқусидан уйғониш ва чин тавба ва истиғфор суви билан гуноҳлар қорайтирган қалбни тозалаб ювишдир. Сўнгра зикр ва тасбеҳлар билан унга мусаффолик-поклик нақшини чизиш керак. Айни пайтда луқманинг ҳалоллигига эътибор қаратиш, онг ва тафаккурни ботил эътиқод-қарашлардан тозалаш, яхшилар этагини тутиш, ёмон хулқларни тарк этиш, шунинг баробарида яхши фазилатларни ўзлаштириш каби риёзатлар орқали нафсни поклаш, қалбни ислоҳ қилиш талаб этилади. Аллоҳ таоло айтади: “Дарҳаҳиқат, уни поклаган нажот топди ва уни кўмиб хорлаган ноумид бўлди” (Шамс, 9-10). Ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба ёнидан ўтаётиб шундай деганлар: “Қандай чиройлисан, қандай мубораксан, эй Каъба! Нақадар муҳташамсан! Лекин, Аллоҳга қасамки, мўмин банданинг қалби Аллоҳ наздида сендан кўра қийматлироқдир”. Ушбу ҳадиси шариф инсон қалбига берилган юксак баҳодир. Бундан мўминларнинг кўнглини олиш Байтуллоҳ зиёратидан савоблироқ амал экани, уларнинг дилларини оғритиш Каъбатуллоҳни вайрон қилишдан ҳам ёмон экани аён бўлмоқда.
Донишмандлар шундай дейишган: “Умринг тугагач, насл-насабинг, амал-мансабинг, ҳатто исм-шарифинг ҳам керак бўлмай қолади... Ғассол келиб, «Жасад қаерда?» дейди. Мансабингни ҳам, насабингни ҳам, ҳатто исмингни ҳам сўрамайди. Имом жанозангни ўқишдан олдин: «Марҳумнинг ёши неччада эди?» деб сўрайди. Мансабингни ҳам, насабингни ҳам, исмингни ҳам айтмайди. Кейин: «Тобутни кўтаринглар!» дейишади. Бунда ҳам на мансабинг, на насабинг ва на исминг эсланади. Тобут дейишади, холос... Ниҳоят, «Маййитни қабрга қўйинглар!» дейишади. Исмингни айтмай, «маййит» дейишади. Шундай экан, зоҳирий нарсалар билан ғурурга кетма! Ғафлатдан уйғон! Дунёга сармаст бўлма! «Мен фалончиман!» деб кеккайма. Ким бўлишингдан қатъи назар, бир кун келиб исминг билан чақиришмайди, «жасад», «марҳум», «тобут», «маййит» дейишади... Аммо инсонга саломат қалбгина асқотади, ширкдан, куфрдан, нифоқдан саломат бўлган қалб асқотади!

90. Ва жаннат тақводорларга яқинлаштирилди.
Қиёмат куни Парвардигорларининг ҳузурига ширк ва нифоқдан пок ҳолдаги саломат қалб билан келган тақводорларга ваъда қилинган жаннат яқин қилиб қўйилади. Яъни, жаннат бу дунёда имони, солиҳ амаллари билан ўтган, Аллоҳ таолонинг амру фармонларига бўйсуниб, қайтариқларидан четда бўлиб юрган тақводорларнинг кўзларига кўрсатиб қўйилди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), «Сизларга булардан ҳам яхишроғини. айтайми, тақводорларга Парвардигорлари ҳузурида остидан анҳорлар оҳиб турувчи, унда абадий яшаладиган жаннатлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳ ризоси бор, Аллоҳ албатта бандаларини кўриб турувчидир», денг” (Оли Имрон, 15).

91. Иғвога учганларга дўзах кўрсатилди.
Дунё ҳаётида лаънатланган шайтоннинг фитна-иғвосига учиб, куфр ва ширкка мубтало бўлган, гуноҳ ишлардан тийилмаган, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиб, қаттиқ итоатсизлик кўрсатганларнинг ҳолини қиёматда бир кўрсангиз эди. Тўғри йўлдан, ҳидоят йўлидан озганларнинг кўзига дўзах кўрсатиб қўйилади, уларнинг мангу қийноқ ва азобда қолишлари нақд бўлиб турибди. Улар ёрдам излаб, ҳар томонга жавдираб қарашади, аммо уларнинг ҳолига қарайдиган, кўмак берадиган бирор зот бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Қуёш тутилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқидилар. Сўнг: «Менга дўзах кўрсатилди, бугунгидай мудҳиш манзарани асло кўрмаганман», дедилар» (Бухорий ривояти).

92. Ва уларга айтилди: «Ибодат қилиб юрган нарсаларингиз қани;
Куфр ва ширклари сабабли дўзахда абадий жазоланишлари муқаррар бўлган кимсаларни юзтубан қилиб оловга отилгач, улардан “Аллоҳни қўйиб, ибодат қилиб юрган бут-санамларингиз қани?” деб сўралади. Ҳолбуки, улар сиғинган нарсаларнинг ўзи ёрдамга муҳтож ҳолда, қаердан мадад келаркин, ким бизларга ёрдам бераркин, деб интизор бўлиб ётибди. Қиёматда дўзах аҳлининг ҳоли ана шундай аянчли ва оғир бўлади.

93. Аллоҳдан ўзга?! Улар сизга ёрдам бера олишадими ёки ўзларини қутқара оладиларми?!»
Яъни, «Дунёда Аллоҳдан ўзга нарсаларга, бут-санамларга ибодат қилиб юрар эдингиз, энди ўша сизлар сиғинган нарсалар қани, қаерда энди? Мана, қиёмат бўлди. Энди улар ёрдамга келиб, сизларни қиёмат азобидан қутқара олишадими?! Сизларни тугул, ўзларини қутқара олишмайди-ку!». Албатта, дўзахийлар бу саволларга жавоб беришолмайди, бера олишмайди ҳам.

94. Энди улар ва иғвога учганлар унга юзтубан ташландилар;
Энди ишлар ҳал бўлган, имон ва куфр аниқ, жаннат ва дўзах аҳли икки томонга ажраган. Дунёда одамларни ҳақ йўлдан чалғитиб, уларни гуноҳлар ва хатолар гирдобига улоқтирган шайтон, тоғут, бут-санамлар дўзахга юзтубан қилиб ташланди. Уларнинг иғвосига учиб, ҳаётини куфр ва ширк билан булғаган золим кимсалар ҳам уларнинг ортидан дўзахга юзтубан қилиб отилади. Дўзахнинг ўзи аламли азоб жойи, уларни юзтубан қилиб дўзахга отиш эса бундан ҳам аламли жазодир.

95. ва иблиснинг лашкарлари - ҳаммалари биргаликда.
Иблиснинг асли жиндир. У бошда осмонда фаришталар билан Аллоҳга шундай қаттиқ ибодат қилар эдики, унгача ҳеч ким бундай ибодат қилмаган эди. Одам алайҳиссалом яратилганидан кейин унинг ичидаги кибр, ғурур, йўлдан озиш, ҳасад-кўролмаслик туйғулари уйғониб, Одамга сажда қилишдан бош тортди ва абадий лаънатга қолди. Иблиснинг лашкарлари беҳисоб: жинлар, шайтонлар, инсон қиёфасидаги шайтонлар, бут-санамлар, коҳинлар ва бошқалар инсонларни Аллоҳнинг ҳақ йўлидан чалғитиш, уларга гуноҳларни чиройли қилиб кўрсатиш, ибодат ва итоатдан узиш йўлида бор ҳийла-найрангларини ишга соладилар. Дўзахга иблиснинг жамики лашкарлари - ўша санамлар, шайтоннинг иғвосига учиб, унга ибодат қилган мушриклар, иблисга, нафсга, шайтонга эргашганлар - ҳамма-ҳаммалари оловга отилган ўтиндек устма-уст қилиб ташландилар. Бундан ҳам ёмонроқ хорлик бўлмаса керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бирингиз ухлаганида шайтон унинг энсасига учта тугун боғлаб, ҳар бир тугунни «Ҳали тун узоқ, ётавер», деб жойида маҳкамлаб қўяди. Агар уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, бир тугун ечилади. Таҳорат олса, яна бир тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, барча тугунлари ечилади. Натижада тетик, хушнуд ҳолда тонг оттиради. Акс ҳолда дили хира, ланж ҳолда тонг оттиради» (Бухорий ривояти).

96. Улар унинг ичида хусуматлашишар экан, айтишди:
Жаҳаннамга юзтубан қилиб, биргалиқца ташланганларидан кейингина мазкур иғвога учганларнинг ва иблис лашкарларининг кўзлари ярқ этиб очилди. Улар дўзахнинг ичида туриб ҳам бир-бирлари билан хусуматлашишни, жанжал-можаро қилишни бошлаб юборишди. Ҳозирги тушган ҳолатларига сабабчи бўлган айбдорни излаб, бир-бирларига ташланиб кетишди.

97. «Аллоҳга қасамки, биз очиқ-ойдин адашувда эканмиз;
Аллоҳнинг ғазаби ва азобига учраб, икки дунёсини бой берган бут-санамлар ҳам, иблис лашкарлари ҳам, уларга эргашган жоҳил кимсалар ҳам бари дўзахдаги жойида туриб, афсус-надоматни бошлаб юборди, хатосини тан олиб, ўзини ҳар ёнга урди: “У дунёда имон келтирмай юрганимиз ғафлат экан, қаттиқ адашув экан. Аллоҳга қасамки, биз беш кунлик дунёдалик чоғимизда очиқ-ойдин залолатда бўлган эканмиз. Аммо буни ўзимиз билмай юрган эканмиз”, деб афсус чека бошлади.

98. сизларни оламлар Парвардигорига тенглаштирганимизда;
Эй бут-санамлар, эй иблиснинг лашкарлари! Сизларни оламлар эгаси, ягона яратувчи бўлмиш Аллоҳ таолога шерик қилиб, тенглаштирибмиз-а?! Бизларнинг адашувимиз худди шу ерда бошланганга ўхшайди. Акс ҳолда ҳозирги ночор ва абгор ҳолатга тушиб ўтирмаган бўлардик!

99. бизни айнан жиноятчилар йўлдан оздиришди;
Одатда жиноятга йўл қўйган ҳар бир кимса ўзини оқлаш, айби йўқлигини исботлаш учун ўзининг бу йўлга киришига сабабчи бўлган айбдорни излашга тушади. Ўша ғофил ва нодон кимсалар ҳам дўзахнинг азобларидан даҳшатга тушиб, ўзларини оқлашни бошлашади. Яъни, бизлар ўзимизча йўлдан озганимиз йўқ, бизни иғвогарлар, ўзимиз йўлбошчи қилиб олган кофир ҳукмдорлар, шайтоннинг лашкарлари бўлган жиноятчилар йўлдан оздиришди. Бизлар уларнинг касрига қолиб, мана бу ерда абадий азобга дучор бўлиб турибмиз.

100. мана энди бизга шафоатчилар ҳам йўқ;
Жаннат аҳли жаннатга кирганда ўзлари билан дунёда яхшилик узра яшаб ўтган дўстларини топмайдилар. Шунда улар Роббул-иззага: «Эй Парвардигор, бизнинг дўстларимиз бўларди.Улар биз билан намоз ўқишарди, биз билан рўза тутишарди. Биз уларни жаннатда кўрмаяпмиз», дейишади. Аллоҳ таолоуларга айтади: «Дўзахга боринглар ва қалбида заррача имони борларни чикрриб олинглар!» Дўзах аҳли уларнинг бу ердан чикршлари сабабини сўрайдилар. Улар дўстларининг шафоат қилганларини айтадилар ваАллоҳнинг бундай деб огоҳлантирганини эслатадилар: «Мана энди биз учун шафоатчилар ҳам йўк,. Бирон ҳадрдон дўст ҳам йўҳ», дерлар» (Шуаро сураси, 100-101-оятлар).

101. бирон қадрдон дўст ҳам йўқ;
Инсон дунё ҳаётида ҳамиша қадрдон дўстлар, жонига малҳам бўлувчи яқинлар, муомалотдаги шериклар, оилада фарзандлар ва қариндошлар даврасида бўлади. Бошига бирор мусибат ёки машаққат тушиб қолса, улардан ёрдам кутади, кўмагига таянади. Ҳеч бўлмаганда, улар бирор оғиз ширин сўзи ёки тасаллиси билан машаққатини енгиллатади. Аммо охират дунёсида бундай бўлмайди. У дунёда ишониб юрганларинингўзлари ёрдамга муҳтож, иложсизликдан кимга суянишни билолмай ишлари чатоқ бўлиб турибди.
“Менга дўст бўлади, у дунёда шафоатчи бўлади” деб ўйлаганлари энди ўзига душман ва зиддига гувоҳ бўлиб турибди. Ҳасан Басрий айтади: «Мўмин дўстларни кўпайтиринглар, чунки уларнинг қиёматда шафоатлари бўлади». Ибн Жавзий «Агар жаннатда мени ораларингда кўрмасанглар, мен ҳақимда сўранглар. «Эй Аллоҳ, фалончи банданг Сени бизга эслатарди», денглар”, дедида, ўзи йиғлаб юборди.

102. Қани энди ортга қайтсагу, мўминлардан бўлсак».
Бут-санамларни Парвардигорга шерик қилиб, уларга сиғиниб юрганларнинг қиёматдаги аҳволига асло тоқат қилиб бўлмай қолади. Улар дунёда огоҳлантирилган азоб ва ҳисоб-китобнинг бошларига келиб қолганини кўриб туришибди. Улар дўзах ичра бир-бирлари билан хусуматлашишар экан, бут-санамларни илоҳ санаб, уларга сиғиниб юришганидан афсус-надоматда “Ҳақиқатан бизлар очиқ-ойдин адашувда эканмиз, ана шу жиноятчи бутлар бизларни ҳақ йўлдан адаштирибди” деб фарёд чекиб қолишади. Энди уларни шафоат қиладиган бирор жонзот йўқ, бирор ёрдамга келадиган дўст ҳам йўқ. Қанийди, ёруғ дунёга қайтиб, унда қайтадан яшаш имконига эга бўлсак, бизлар ҳам Парвардигорга имон келтириб, албатта мўминлардан бўлар эдик, дейишади. Дўзах азобини кўриб тургандан кейин бундай орзу қилишнинг нима фойдаси бўларди?!
Мушрикларнинг афсус-надоматга тўла сўзлари баёнидан сўнг бундай қиссалардан кўпларнинг ибрат олмаслигини ҳамда Аллоҳнинг қудрати ва меҳрибонлигини таъкидловчи икки оят такроран келади:

103. Албатта бунда ибрат бор, лекин уларнинг кўплари мўмин бўлишмади.
Эй мушриклар, атрофингизга бир қаранг: бу бепоён коинот ва курраи заминда Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига далолат қилувчи турли мўъжиза ва аломатлар тўлиб-тошиб ётибди. Сиз уларга тафаккур кўзи, ибрат назари билан боқинг. Шунда ушбу борлиқни Ўзининг мутлоқ илоҳий низоми билан бошқариб турган Аллоҳдан ўзга бирор бошқа сиғиниладиган зот йўқлигига ва асло бўлмаслигига имон келтирасиз. Лекин аксари инсонлар ана шу мўъжиза ва ибратларни кўриб-билиб туриб ҳам хулоса чиқаришмади, ягона Аллоҳга имон келтиришмади.

104. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир.
Олдин ҳам кўп марта такрорланганидек, барча оламларнинг ягона яратувчиси ва тарбияткунандаси Аллоҳ таборака ва таоло ана шундай кудратли ва махлуқотларига ўта меҳрибон Зотдир. Агар у бандаларига раҳмли бўлмаганида Ўзининг амр-фармонларини инкор қилиб турган жоҳил кимсаларни ўша жойнинг ўзида ҳалокат чоҳига отган ёки қаттиқ азоблар билан жазолаб қўйган бўлур эди. У Ўзининг раҳмати ва мағфирати билан қиёматгача бандаларининг тавба-тазарру қилишига имкон ва муҳлат бериб қўйди. Гап тезроқ тавбага шошилиб, дунёдан имон билан ўтишда қолди.
Шундан кейин пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссаларини баён этувчи оятлар келади:

105. Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончига чиқарди.
Нуҳ алайҳиссаломнинг ватани Ироқда эди. Олдинги сураларда баён қилинганидек, у пайғамбар қилиб юборилган жоҳил қавм Вадд, Сувоъ, Яғус, Яъуқ, Наср деган бут-санамларга топинарди. Аммо бузуқ эътиқодидан қайтишни истамаган қавм Нуҳ алайҳис-саломни ёлғончига чиқарди. Гарчи улар биргина Нуҳ алайҳисса-ломни ёлғончи қилган бўлса ҳам, оятда жамики пайғамбарларни ёлғончига чиқаргани айтилмоқда. Чунки Аллоҳнинг пайғамбарлари бир оила аъзоларига ўхшайди, улардан бирини инкор қилиш барчаларига куфр келтириш билан баробар бўлади.

106. Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ айтди: «Курқмайсизларми?!;
Яъни, «Эй қавмим, мен сизларни мушриклигингиз туфайли бошингизга келадиган Аллоҳнинг азоблари билан қўрқитиб, ҳидоятга чорлаб турсам ҳам нега бут-санамларга сиғинишдан воз кечмаяпсиз? Ахир қиёмат куни бу қилмишларингиз учун Аллоҳ таоло ваъда қилган муқаррар азоблардан қўрқмайсизми?!

107. мен сизларга ишончли пайғамбардирман;
Тарихдан маълумки, Аллоҳ таоло инсонлар орасидан танлаб олган пайғамбарлар ишончли, омонатдор, гўзал хулқли ва бошқа фазилатлар соҳиби бўлишган. Нуҳ алайҳиссалом ҳам итоатсиз қавмга: “Сизлар ёлғончига чиқарсанглар ҳам мен сизларга Аллоҳ таоло томонидан юборилган ишончли пайғамбардирман. Мен ҳеч қачон хиёнат қилмайман, алдамайман, ёлғон гапирмайман, Аллоҳдан келган амрни омонатдорлик билан сизларга етказаман», деяпти.

108. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар;
Ислом динининг асл моҳияти ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси ва тарбияткунандаси Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишда, У Зот юборган пайғамбарларига итоат қилишдадир. Шунинг учун Нуҳ алайҳиссалом айтяптики, «Сизлар дунё ҳаётида Аллоҳ таолога тақво қилинглар, яъни Ундан қўрқинглар. У Зотнинг амрларини бажариб, қайтарганларидан четланиб ҳаёт кечиринглар. Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари бўлганим учун, У Зотнинг амр ва наҳийларини сизларга етказиб турганим учун менга итоат қилинглар».

109. Бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, менинг ҳақим фақат оламлар Парвардигорининг зиммасидадир;
Одатда пайғамбарлар рисолатни етказишдаги хизматлари, Аллоҳнинг динига даъват қилиш йўлидаги машаққатли меҳнатлари учун инсонлардан ҳақ ҳам олишмайди, хизматларининг ҳақини кутишмайди ҳам. Шу боис, Нуҳ алайҳиссалом ҳам «Аллоҳнинг динига қилган даъватим учун сизлардан ҳақ сўрамайман. Бу динга кирсак, молу мулкимизни сарфлашимиз лозим бўлади, деган мулоҳазаларга ҳам бориб ўтирманглар. Менга Аллоҳ таоло берадиган ажру мукофотнинг ўзи етарли”, деди.

110. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар»
Инсониятга пайғамбарлар томонидан даъват ўлароқ юборилган ҳар бир шариатда Аллоҳдан қўрқиш ва пайғамбарга итоат қилиш асос бўлгани учун ушбу амр яна такрорланди. Бошқа пайғамбарлар каби Нуҳ алайҳиссалом ҳам қавмни бутун оламларнинг ягона яратувчиси Аллоҳдан қўрқишга ва Унинг ваҳийларини етказиб келган ўзига итоат қилишга чақирди. Нуҳ алайҳиссаломнинг барча пайғамбарларга хос содда ва таъсирчан даъватини эшитган қавм барча кофирларга хос мантиқсиз, аҳмоқона жавобни берди.

111. Улар: «Сенга ялангоёқлар эргашиб турганда биз сенга имон келтирармидик?!» дейишди.
Итоатсиз қавм айтдики, “Эй Нуҳ, бизлар сени ўзимиздан бошқа инсон сифатида кўрмаяпмиз. Сенга энг паст табақадаги, ҳеч вақоси йўқ одамларгина эргашмоқда. Қандай қилиб сенга имон келтирайликки, сенга фақат камбағал ялангоёқлар эргашиб юрган бўлса?! Сенинг даъватларинг ёлғончилиқцан бошқа нарса эмас». Одатда Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келган илоҳий даъватларни аввало фақир-камбағаллар қабул қилиб, имон келтиришади. Чунки улар мол-дунё ташвишидан омондалар, мансабларидан, мол-дунёларидан айрилиб қолишдан ҳам қўрқмайдилар. Улар илоҳий таълимотларнинг адолат ўрнатиши, зулмни ораларидан кўтариши ва ҳаммага бир хил муносабатда бўлишидан умид қиладилар. Давлатманд, баобрў, аслзода кишиларга эса илоҳий даъват ёқмайди.
Улар ҳар нарсани ўз қаричлари билан ўлчаб, Аллоҳнинг динидан ҳам манфаат излайдилар, ўзларига махсус имтиёзлар берилишини талаб қиладилар. Шунинг учун ортидан камбағалларгина эргашган пайғамбарларга имон келтиришдан бош тортадилар. Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми ҳам худди шундай йўл тутди.

112. У айтди: «Уларнинг нима қилаётганлари ҳақида илмим йўқ;
Нуҳ алайҳиссалом айтяптики, «Мен ўзимга эргашадиган одамларнинг нима иш қилишларини, мақом-мартабаларини, жамиятда тутган ўринларини сўраб-суриштириб ўтирмайман. Мен Аллоҳ таолонинг амрига биноан барчани баробар динга чақиравераман. Дин одамларнинг наслу насаби, мол-давлати, одамлар орасидаги мавқеига эътибор бермайди, аксинча у одамларнинг имон-эътиқодига асосий мезон сифатида қарайди.

113. агар сезсангиз, уларнинг ҳисоб-китоби фақат Парвардигорим зиммасидадир;
Яъни, Нуҳ қавмга шундай эътироз билдиряпти: “Сизлар эргашувчиларимни паст табақа, ялангоёқлар деб атамоқдасиз. Ваҳоланки, уларнинг кимлигини фақат Аллоҳ билади. Мен ғайбни билиш даъвосидан узоқдаман, ўзимни фаришта деб ҳам айтмайман. Айни пайтда ўша сизлар паст назар билан қараётган одамлар ҳақида Аллоҳ уларга яхшилик ваъда қилмаган, деб ҳам айта олмайман. Уларнинг ҳисоб-китоби фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига оиддир! Акс ҳолда, мен золимлардан бўлиб қоламан. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина одамларнинг сир-асрорларини, ниятларини, қилаётган ишларини ва бошқа ҳолатларини тўлиқ, аниқ билади, шунинг асосида Ўзи ҳисоб-китоб қилади.

114. мен мўминларни ҳайдовчи эмасман;
Менинг даъватимни қабул қилган инсонларни мўмин деб қабул қиламан ва уларни ҳайдаш ҳақидаги таклифларингизни тамоман рад этаман. Менга бойми, камбағалми, кучлими, кучсизми, аслзодами ёки паст табақадами - фарқи йўқ, энг муҳими у имонли бўлса, бас! Агар мўминларни олдимдан қувсам, унда Аллоҳнинг ғазабидан мени ким қутқара олади? У ҳолда менга ким ёрдам бера олади?

115. мен очиқ огоҳлантирувчиман, холос».
Яъни, «Менинг вазифам одамларнинг кимлигини ёки қай даражада эканини аниқлаш, улар ҳақида маълумот тўплаш эмас, балки уларга илоҳий ваҳийларни етказиш, уларни Аллоҳнинг азобидан огоҳлантириш ҳамда ҳақ динга даъват қилишдир». Нуҳ алайҳиссаломдан бу гапларни эшитган кофир қавм ақлий тортишувда енгилиб, ўз одатича дўқ-пўписа қилишга ўтди:

116. Улар: «Эй Нуҳ, қасамки, агар бас қилмасанг, албатта тошбўрон қилинувчилардан бўласан», дейишди.
Нуҳ алайҳиссаломнинг мантиқли сўзларига қарши бирор баҳона топа олмай қолган қавм у кишини қўрқитишга ўтди. «Эй Нуҳ, гапнинг тўғриси даъватларинг билан бошимизни оғритиб юбординг. Бизлар барибир сўзларингга ишонмаймиз, сени ёлғончи деб биламиз. Шунинг учун ўша сафсаталарингни бас қил! Агар динингга даъват қилишдан тўхтамасанг, тошбўронга учрайсан, сени тошбўрон қилиб ўлдириб юборамиз», дейишди.

117. (Нуҳ) айтди: «Парвардигорим, қавмим мени ёлғончига чиқарди;
Нуҳ алайҳиссалом кечаю кундуз мушрик қавмни Аллоҳнинг тавҳидига чорлаб, даъват ишларини олиб борди. Аммо жоҳил қавм имонга келишни истамади. Ҳатто мушриклардан бири боласини Нуҳ алайҳиссаломнинг олдига олиб келиб: «Эй болам, манавидан ҳазир бўл, у ёлғончидир”, дерди Нуҳ алайҳиссаломни кўрсатиб. Шундай қилиб, катталар ҳам, ёшлар ҳам бузилиб, бирор киши имонга келмади. Ўша пайтдаги қиролнинг ўрнига ўтирган ўғли Дармасил Нуҳ алайҳиссаломнинг санамларга қарши эканидан ташвишга тушиб, халққа шундай мурожаат қилди: “Нуҳ санамлар ибодатини йўққа чиқармоқчи, у ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини айтяпти. Сизлар санамлардан ҳам ўзга илоҳ борлигини биласизларми?” Улар “Йўқ, билмаймиз!” дейишди ва бу сўзлари билан Нуҳ алайҳиссаломни ёлғончига чиқаришди. Ҳатто уни ҳушдан кетгунича азоблашди. Сўнгра уни “ўлди” деб ташлаб кетишди. Нуҳ алайҳиссалом ҳушига келгач: “Эй Аллоҳим, мени ва қавмимни кечир, улар нима қилишаётгани билишмайди”, деди ва ғусл қилиб, яна қавмнинг олдига борди. Уларни Аллоҳга имон келтириб, Унга ибодат қилишга чақирди ва уларнинг орасида салкам минг йил даъват қилди. Бироқ унинг барча ҳаракатлари, чорловлари қавмни имонсизликдан, мушрикликдан қайтара олмади, улар борган сари залолатга ботиб борар эди.

118. энди Ўзинг мен билан уларнинг орасини очгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин!».
Шунча ҳаракат қилиб ҳам жоҳил қавмни йўлга сола олмаган, уларни имонга, тавҳидга чақира олмаган Нуҳ алайҳиссалом бутунлай чорасиз қолгач, яна Парвардигорнинг Ўзига илтижо қилди: “Ўзинг кўриб турибсан, нодон қавмим менинг сўзларимни инкор қилиб, имонга келмаётир. Улар мени ёлғончига чиқаришдан бошқа ишни қилмади. Энди Ўзинг мен билан уларнинг орасини очиб қўйгин, чунки мен ҳам, менинг издошларим ҳам ана шу имонсизларнинг касрига қолиб кетмайлик. Уларни ҳидоятга чорлашдан асло умидим қолмади. Уларга қандай азобни раво кўрган бўлсанг, истаган пайтингда жазоингни юборасан. Фақат менга ва мен билан бирга бўлган мўминларга нажот берсанг бўлди”. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Нуҳ айтди: “Эй Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирортасини қолдирмагин! Чунки агар уларни крлдирсанг, бандаларингни йўлдан оздиришади ва фақат фосиқ, ношукрларни кўпайтиришади. Эй Парвардигорим, мени, ота-онамни, уйимга мўмин ҳолида кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират крлгин! Золимларга эса фаҳат ҳалокатни зиёда қилгин!” (Нуҳ, 26-28). Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул қилди ва уларга нажот берди.

119. Шунда унга ва у билан бирга бўлганларга тўла кемада нажот бердик.
Аллоҳ азза ва жалла Нуҳ алайҳиссалом бошлиқ мўминларни Ўзининг балосидан қутқариш учун унга бир кема ясашни, мазкур нажот кемасига турли ҳайвонлардан бир жуфтдан ва Нуҳ алайҳис-саломга эргашган оз сонли мўминларни чиқаришни буюрди. Нуҳ алайҳиссалом улкан кемани ясаётганида Аллоҳнинг ҳақ жазоси яқинлигини ҳатто сезмаган нодон қавм унинг устидан кулиб, “Сен бу кема билан қуруқликда сузмоқчимисан?” деб калака ҳам қилди. Кема битгач, Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳнинг амрини бажариб, У Зот айтган махлуқларни кемага чиқариб олди. Ер юзининг ҳар бир тешигидан сув отилиб чиқа бошлади ва тезда ҳаммаёқни сув босиб кетди. Сув осмондан ҳам тушар, ердан ҳам қайнаб чиқар эди. У тезда тоғлардан ҳам ўн беш қулоч баландга кўтарилиб кетди. Аллоҳ таолонинг ваъдаси ва иродасига кўра кемадагилар тўфон балосидан нажот топишди, кемадан ташқарида қолганларнинг бари сувга ғарқ бўлди. Аллоҳ таоло айтади: “Сўнгра Биз унга ва кемадаги ҳамроҳларига нажот бердик ва уни оламларга ибрат ҳилиб кўйдик” (Анкабут, 15).

120. Сўнгра қолганларни ғарқ қилдик.
Кемада бўлган Нуҳ алайҳиссалом ва унга эргашганлардан ташқари барча одамлар ва жониворлар тўфон сувларига ғарқ бўлиб, ўлим топди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Кема тоғдай тўлҳинлар узра сузиб кетаётганида Нуҳ бир четда турган ўғлини чаҳириб: «Ўғлим, биз билан бирга чик» кофирлар билан ҳолма!» деди. (Ўғли): «Токҳа чиҳиб оларман, у мени сувдан саклайди», деди. (Нуҳ): «Бугун Аллоҳ раҳм крлганлардан ташҳари Унинг азобидан кутҳарувчи йўҳдир», деди. Шу заҳоти тўлҳин икковининг ўртасини тўсди ва (ўғли) ғарк, этилганлардан бўлди” (Ҳуд, 42-43).

121. Албатта бунда аломат бор, лекин уларнинг кўплари имон келтиришмади.
Қуръони каримда зикри келган пайғамбарларнинг қиссалари инсонларга ўзига хос панду насиҳат ва Аллоҳнинг мукофотию жазосидан огоҳлантирувчи аломатлардир. Ақли расо инсонлар булардан хулоса чиқаришади, имонсизлик, мушриклик нақадар оғир гуноҳ ва чексиз мусибат эканини англаб етишади, бундайларга Аллоҳнинг бало-офатлари, жазолари тезда етиб келиши ҳақида фикр юритишади. Аммо мана шу аломатларни кўриб-билиб туриб ҳам имонга келмайдиган, Аллоҳнинг ҳақ йўлида юрмайдиганлар эса қилмишлари учун охиратда туганмас азоб-қийноқлар борлигини билишганида Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли каби нажот кемасидан ташқарида қолиб, ҳалокатга юз тутишмас эди. Аллоҳ таоло айтади: “Биз уни (кемани) бир аломат ҳилиб қолдирдик. Энди эслатма олувчи борми? Бас, Менинг азобим ва огоҳлантириишм крндай экан?” (Қа-мар, 15-16).

122. Албатта Парвардигорингиз қудратлидир, раҳмлидир.
Куфр ва ширк чангалига тушганлар Парвардигорларининг чексиз қудрат эгаси эканига нега тан бермайдилар? Ахир У Зот ҳар қандай золим қавм устига бало-офатини юбориб, бир лаҳзада ер юзидан йўқ қилиб юборишга қодир-ку! Нуҳ алайҳиссаломнинг чақириқларига қулоқ солмаган, имонга келмаган қанчалаб жоҳилларни биттагина тўфон балоси билан сувга ғарқ қилиб, ҳалок этди. Худди шунингдек, Од, Самуд қавмини, Солиҳ, Лут алайҳимуссалом каби пайғамбарларнинг қавмларини ҳам кутмаган бало-офатлари билан жазолаган эди. Парвардигорингиз Аллоҳ таоло айни пайтда ўта раҳмлидирки, у бандаларининг разолат ва гуноҳларга ғарқ бўлиб юришганини кўриб ҳам устларига жазосини юборишга шошилмайди, уларнинг имонга келишларини, гуноҳлардан тийилишларини кутади. Шунда ҳам бундайлар ўзларини ислоҳ қилишмаса, ҳақ йўлга юришмаса, бало ва мусибатига дучор қилади. Бу дунёда жазоламаса, охиратда албатта азоблайди. Ҳар бир оқил инсон Қуръони карим қиссаларидан ибрат чиқариб, илоҳий Каломда баён этилган панду насиҳатларни қулоққа олса, икки дунё саодатига мушарраф бўлур эди.

123. Од пайғамбарларни ёлғончига чиқарди.
Ушбу ояти каримадан бошлаб Од қавмига пайғамбар қилиб юборилган Ҳуд алайҳиссаломнинг қиссаси бошланади. Куръони каримнинг кўпгина сураларида Од қавмининг қиссаси зикр қилинади. Од пайғамбар Нуҳ алайҳиссаломнинг эвараси Авснинг ўғли бўлган. Авснинг отаси Ирам, унинг отаси Сом, унинг отаси Нуҳ алайҳиссалом бўлган. Бир қанча тарихчи ва муфассирларнинг ёзишларича, Од қавми яшаган жойлар ҳозирги Яман ҳудудидадир. Бу қавм Уммон ва Ҳазрамавт оралиғидаги минтақада яшаган. Уларнинг қиссалари олдинги сураларда ҳам бир неча бор зикр қилинган. Од қавми аслида ўз пайғамбари Ҳуд алайҳиссаломни ёлғончи қилган бўлса-да бу ояти каримада барча пайғамбарларни ёлғончи қилгани ўрнида кўрилмоқда.

124. Ўшанда биродарлари Ҳуд уларга айтди: «Курқмайсизларми?!;
Аллоҳ таолонинг инсонлар орасига юборган барча пайғамбарлари каби Од қавмига юборилган пайғамбар Ҳуд алайҳиссалом ҳам уларнинг ягона Аллоҳга итоат ва ибодат қилишга, Унга ҳеч бир нарсани ёки махлуқни шерик қилмасликка чақирди. У қавмини огоҳлантириб, Аллоҳ берган беҳисоб неъматлар учун шукр айтишга, Унга осийлик қилмасликка чорлади. У итоатсиз қавмларга Парвардигор томонидан юбориладиган аламли ва қаттиқ азоблар ҳақида уларни бир неча бор огоҳлантирди.У жоҳил қавмга мурожаат қиларкан: “Аллоҳдан ва Унинг юборадиган азобидан қўрқмайсизларми?” деяпти.

125. мен сизларга ишончли пайғамбардирман;
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини башар наслидан танлайди. Аммо улар одамларнинг энг ишончлиси, гуноҳлардан тийилгани, омонатдорлиги билан бошқалардан ажраб турадиган инсонлар бўлишади. Ишончлилик пайгамбарларнинг муҳим сифатларидандир. Чунки Аллоҳнинг элчиси ишончли бўлмаса, унга одамларнинг эргашиши маҳолдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳали ваҳий келмаган пайтларда ҳам Макка аҳолиси у зотни Амин (ишончли) деб сифатлар эди. Ҳуд алайҳиссалом ҳам қавмига ўзининг ишончли пайғамбар эканини, у Аллоҳнинг амрларини етказишга вазифаланганини эслатмоқда.

126. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар;
Ҳуд алайҳиссалом Од қавмини қанча ҳидоятга чақирмасин, Аллоҳга итоатсизлик ва исённинг оқибати ёмон бўлиши ҳақида қанчалар огоҳлантирмасин, қавм исёнини, инкорини тўхтатмади. У қавмини Аллоҳдан қўрқишга ва ўзига итоат қилишга чорлайверди, золим қавм итоатсизлик кўрсатаверди. Аламли азоб узоқ куттир-мади, оқибатулар учун ёмон бўлди: қавмнингўзи ичи чириган хурмо дарахтлари каби қулаб, ҳалок бўлди, қурган қасрлари вайронага айланди. Бу инсоният учун жиддий огоҳлантириш эди: агар улар Аллоҳдан қўрқишмаса, Унинг пайғамбарларига итоат қилишмаса, оқибат ҳамиша шундай бўлади.

127. бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, менинг ҳақим фақат оламлар Парвардигорининг зиммасидадир;
Ҳуд алайҳиссалом ҳам ўз қавмига юқоридаги оятларда Нуҳ алай-ҳиссаломнинг ўз қавмига айтган гапларини айнан такрорламоқда. Чунки уларни юборган Парвардигор ягона, олиб келган таълимотлари бир хил, улар қилаётган даъватлар ҳам бир маънода. Ҳуд алайҳис-салом ҳам худди Нуҳ алайҳиссалом каби қавмини Аллоҳга имон келтириб, Унга тақво қилишга ва пайғамбарга итоат этишга чақирмоқда. Бошқа пайғамбарлар даъват учун ҳақ-мукофот сўрамаганлари каби у ҳам шундай деяпти: “Эй қавмим, сизларни тавҳидга чорлаётганим учун сизлардан ҳақ ҳам сўрамайман, мукофот ҳам умид қилмайман. Менинг мукофотимни Парвардигоримнингўзи беради. Шундай бўлгач, холислигимга ишонинглар, ҳидоятда менга эргашинглар”.

128. ҳар тепаликка бир белги ўрнатиб, беҳуда ўйин қилаверасизларми?;
“Белги” деб ўгирилган “оят” сўзи бу ўринда “баланд устунлар” маъносини англатяпти. Ҳақиқатан, давримизга келиб Од қавми яшаган деб тахмин қилинган қадимий Убор шаҳри харобалари ўрнида қазишма ишлари олиб борган олимлар қум остидан улкан тош устунларни топишди. Шу тариқа Қуръони каримнинг яна бир мўъжизаси ҳозирга келиб исботини топди. Ҳуд алайҳиссалом қавмига айтяптики, сизлар беҳуда ўйин-кулги қилиш учун ҳар бир тепаликка узоқдан қараганда белги бўлиб кўринадиган муҳташам баланд биноларни, устунларни қураверасизларми? Ахир, имонга келма-сангиз, Аллоҳни танимасангиз, Унинг азобидан қўрқмасангиз, У Зот бу биноларингизни бир сонияда ер юзидан супуриб ташлашини, йўқ қилиб юборишини билмайсизларми? Аслида шундай бўлди ҳам: кофир қавмнинг қурган баланд устунлари бир зумда вайронага айланди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз бошқа юртларда ўхшаши бўлмаган, баланд устунлар эгаси бўлган Ирамдаги Одни нима қилганини кўрмадингизми?” (Фажр, 6-8).

129. ва худди мангу турадигандек қасрларни қураверасизларми?
Ушбу оятдаги «қасрлар» деб таржима қилинган “масониъа” сўзи ҳозирги араб тилида баланд иншоотлар, завод-фабрикалар маъносида ишлатилади. Ўз-ўзидан равшанки, ўтган замонларда ҳозиргидай катта-катта иншоотлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам тафсир китобларида ушбу сўзга баланд қасрлар, сув омборлари, баланд қўрғонлар маъноси берилган. Замонамиз муфассирлари «Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлаш ва бошқа фахрланишга сабаб бўладиган биноларда фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди, «маснаълар»дан мурод ўшалар», дейишади. Од қавми жисмонан бақувват, баланд қоматли, жуда соғлом одамлар бўлишган. Шунингдек, ақлий жиҳатдан ҳам улар ўткир зеҳнли, теран ақлли бўлган, ҳамма уларга ҳавас қилган. Аммо улар мазкур неъматларни тўғри йўлда ишлатишмади. Аллоҳ ато қилган неъматлардан ғурурга кетиб, ҳаддиларидан ошишди, «Бизлардан ҳам кучлироқ борми?» деб мақтанишди. Беш кунлик дунё матоҳига берилдилар. Улар ҳашамат, фахр ва бир-бирларидан ўзиш учун бекордан-бекорга улкан қасрлар, турли керакли-кераксиз иншоотларни қуришди. Уларни барпо қилишга берилиб кетиб, Аллоҳни унутишди. Аллоҳни унутгандан кейин ҳалол-ҳаром, яхши-ёмонни ажрата олмай қолишди. Оқибатда турли гуноҳ ишларга, ёвузлик ва ёмонликларга қўл уришди. Жумладан, моддий куч-қувватлари ила бошқаларга зулм ўтказдилар. Ҳуд алайҳиссалом сўзлари давомида ана шунга ҳам ишора қилмоқдалар:

130. тутганингизда ҳам бераҳмларча тутасиз;
Уларнинг туғёнга кетишлари, итоатсизликка боришлари шу даражага етдики, энди улар бошқаларга жабр етказиш, зулм қилишни одатий иш санайдиган бўлиб қолишди. Шунингучунуларнингбу феъли “тутганингизда бераҳмларча тутасиз” деб таърифланмоқда. Улар билишмайдики, ким ўзгаларга зулм қилса, жабр кўрсатса, Жаббор сифатли Зот ҳам бундай бераҳм золимларни қаттиқ жазога рўпара қилиб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), одамларни уларга азоб келадиган Кундан огоҳлантиринг. Ўшанда зулм қилганлар: «Эй Парвардигоримиз, бизларга бироз муҳлат бергин, токи даъватингни қабул ҳилайлик, пайғамбарларингга эргашайлик», дейишади. “Илгари сизларга завол йўклигига касам ичмаганмидингиз?!” (Иброҳим, 44).

131. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.
Ҳуд алайҳиссалом яна қавмини огоҳлантиряптики, Аллоҳнинг азобидан нажот топишингиз учун Унинг Ўзидангина қўрқинглар ва менга итоат қилинглар. Аллоҳ таоло ҳам барча пайғамбарларига айнан шу вазифани буюрган: қавм ва умматларингизни Мендан қўрқишга буюринг, Менга ва пайғамбарларимга итоат қилишлари зарурлиги ҳақида огоҳлантиринг.
Аллоҳ таолодан қўрқиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан тийилиш “тақво” дейилади. Бундай хислат соҳиби тақводор (муттақий) саналади. Аллоҳдан қўрқиш, тақво шунчалик улуғ фазилатки, Қуръони каримнинг жуда кўп сураларида Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига тақво қилишга, Ўзидан қўрқишга, Ўзи ман этган нарсалардан четланишга буюради. Қуръони каримдаги аксар оятларнинг “Роббингизга тақво қилинг”, “Парвардигорингиздан қўрқинг”, “Аллоҳ тақводорлар биландир”, “Шоядки, тақво қилишса” деган иборалар билан яунланганини кўриш мумкин. Аллоҳдан қўрқишдан кейин энг муҳим иш Унинг пайғамбарларига эргашишдир. Аллоҳдан қўрқувчи банда У Зотнинг амр ва қайтариқларига риоя қилиш баробарида У юборган пайғамбарларга итоат этиб, эргашиши лозим.

132. ўзингиз биладиган нарсалар билан қўллаган Зотдан қўрқинглар.
Аллоҳ таолонинг сизга нималарни ато этиб қўйганини яхши биласиз. Бунинг эвазига эса, Ундан қўрқинглар, Унинг амрларига итоат қилинглар, қайтарган нарсаларидан четда бўлинглар. Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. У инсон зотига моддий ва маъна-вий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани - Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос. Кимдир ана шу беҳисоб неъматларга шукр қилиб, уларнинг ҳаққини адо қилади. Бошқа биров эса унга ношукрлик қилиб, неъматнинг заволига учрайди. Аллоҳ таоло неъматларининг ҳаққини адо этиш фақат Аллоҳга ҳамд айтиш, Унга шукр билдириш билан бўлади. Қуръони каримда бундай дейилган: «Биз шукр этувчиларни мукофотлаймиз» (Оли Имрон, 145). Аксинча, ким Аллоҳнинг шунча неъматлар билан мадад бериб, қўллагани учун шукр қилмаса, бундайлар ўша неъматларнинг заволига учрашади ёки Аллоҳнинг азобига дуч келишади.

133. У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан қўллади;
Од қавмини Аллоҳ таоло чорва ҳайвонлари ва ўғил фарзандлар билан сийлаган эди. Ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзи ато этган бу икки неъматни бежизга эслатмаяпти. Ҳақиқатан, кишининг чорва ҳайвонлари, ёнига кирган ўғиллари кўп бўлса, ўзини бақувват-бардам, мол-дунёси тўкин одам сифатида ҳис этиб фахрга боради, ҳатто туғёнга ҳам кетиши мумкин. Од қавми ҳам айнан чорваси ва фарзанди кўплиги туфайли кибрга борган, Аллоҳнинг ғазаби ва азобига гирифтор бўлган эди.

134. боғ-роғлар ва булоқлар билан ҳам;
Ушбу ояти каримада Ҳуд алайҳиссалом ўз қавмига Аллоҳ таоло уларнинг ўзларига алоҳида берган неъматларидан навбатдаги иккитасини: боғ-роғлар ва булоқларни зикр қиляпти. Од қавми яшаб ўтган Яман кенгликлари каби саҳро ва чўлларни макон тутганлар бу икки неъматнинг қадрини жуда яхши билишади. Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган бу жойларда мусаффо ва чучук сувли булоқларнинг қадри бошқа ҳамма жойдагидан ниҳоятда баланд. Тиккайган дарахт ўсмайдиган бу маконларда боғларнинг бўлиши бундан ҳам қадрли неъматдир. Аммо нобакор Од қавми Аллоҳнинг бу улуғ неъматлари қадрини билмади, ўзига берилган қулайлик ва яхшиликлардан кибр ҳамда туғёнга бориб, буларни ато этган Парвардигорини танишни истамади. Натижа улар кутмагандай бўлди: Аллоҳ Ўзи ато қилган неъматларини тортиб олди. Аллоҳ таоло осмондан ёғин ёғдирмай қўйди, натижада булоқлар қуриб-йўқолди, машҳур Ирам боғлари сувсизликдан ҳалок бўлди.

135. устингизга буюк Куннинг азоби етишидан қўрқаман».
Аллоҳнинг пайғамбари ўз қавмининг устига қиёмат кунининг даҳшатли азоблари келишидан бежизга қўрқмаган, бу ҳақда уларни жиддий огоҳлантирмаган эди. Аллоҳга осийлик ва кўрнамаклик қилиб, имонга келмаган қавмни Аллоҳ таоло қиёмат кунига қолдирмай, шу дунёнинг ўзидаёқ жазолаб қўйиши мумкинлигини улар ҳамон англамаётган эди. Жоҳил ва золим қавм Аллоҳнинг пайғамбарига эргашиш ўрнига уни калака қилишга, унга бўйинсунмасликка ўтди.

136. Улар айтишди: «Бизлар учун ваъз-насиҳат қилсанг ҳам ёки воизлардан бўлмасанг ҳам, барибир;
Ҳуд алайҳиссаломнинг жон куйдириб қилган ваъз-насиҳатлари, жоҳил қавмни ҳидоятга чорлаб қилган даъватлари уларга асло кор қилмади. Улар тавҳид динига қайтиш ўрнига эски ақидаларида маҳкам туриб олишди, бут-санамларга сиғинишдан қайтишни исташмади. Дунёда Аллоҳ таолонинг кўз кўриб-қулоқ эшитмаган бало-офатлари бошга келиши ҳам, охиратда эса исёнлари учун Парвардигорнинг аламли азоб-қийноқларига қолиш қўрқувлари ҳам уларни залолат йўлидан қайтара олмади. Улар имонга келиш ўрнига Аллоҳнинг пайғамбарига ҳам саркашлик қилишга ўтишди: «Эй Ҳуд, сен бизга ваъз-насиҳат қиласанми, қилмайсанми, барибир, биз имонга келмаймиз, сенга эргашмаймиз” дейишгача боришди.

137. бу албатта аввалгиларнинг одати, холос;
Олдин келган пайғамбарлар ҳам сенга ўхшаб бизларни ота-боболаримизнинг тутган ишлари ва одатларидан қайтармоқчи бўлишган эди, лекин уларга ҳам кўпчилик эргашмаган. Чунки уларга ишонмаймиз, гапларини ёлғон деб ҳисоблаймиз. Улар ҳам худди сен айтаётган сафсаталар билан қавмни Аллоҳнинг азобидан қўрқитмоқчи бўлишган. Сенга ўхшаб турли-туман ваҳимали гапларни айтавериш олдингиларнинг одати, холос.

138. бизлар азобланмаймиз».
Куфри ва исёни билан ўз жонига зулм қилган жоҳил қавм Ҳуд алайҳиссаломнинг огоҳлантиришларини шунчаки пўписа деб қабул қилди. “Сен бизни қўрқитсанг ҳам, қўрқитмасанг ҳам барибир гапларингга ишонмаймиз, қанча гапирсангҳам, барибир, ҳеч қачон сен айтган йўлдан юрмаймиз. Ота-боболаримиз ҳам шундай қилиб келишган. Бу қилмишимиз учун, сен айтаётганингдек, дунёда ҳам, охиратда ҳам азобланмаймиз», дейишди.

139. Уни ёлғончига чиқаришди. Шунда уларни ҳалок қилдик. Албатта бунда аломат бор, лекин уларнинг кўплари мў-мин бўлишмади.
Аллоҳ таолонинг бошқа пайғамбарларини ёлғончига чиқаришгани каби нодон ва жоҳил қавм Ҳуд алайҳиссаломни ҳам, у келтирган ваҳийларни ҳам ёлғонга чиқарди. Аллоҳнинг пайғамбарлари саркаш қавмларга бир қанча илоҳий мўъжизаларни, аломатларни кўрсатиб қўйишса ҳам улар асло имонга келишмади. Ҳар замонда бўлганидек, бу қавмнинг бой ва кибор аслзодалари Ҳуд алайҳиссаломни ақлсиз ва нодонга чиқариб, янги динни қабул қилишмади. Чунки уларга ота-боболари эътиқод қилган “илоҳ”ларни тарк этиш асло ёқмаётган эди.

140. Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир.
Эй жоҳил қавм, Парвардигорингизнинг қудратига шубҳа қилманг, уни инкор қилувчилардан бўлманг. У Зот замину коинотнинг, ундаги барча махлуқотнинг ягона яратувчисидир. Агар у истаса, гуллаб-яшнаган шаҳар-қишлоқларни бир лаҳзада яксон қилиб, Ер юзидан супуриб ташлайди. Агар у хоҳласа, итоатсиз минглаб қавмларни бир сонияда жонсиз-ўликларга айлантириб қўя олади. Агар у ирода қилса, Ер юзини макон тутган бу инсонларни йўқотиб, ўрнига янги авлодларни келтира олади. У ана шундай қудратли, истаганини қила оладиган ғолиб Зотдир. Айни пайтда У ўта раҳмли ҳамдир. Шунинг учун қанчалаб осий инсонларни жазолаш муҳлатини ортга суради, баъзиларига жазо беришни охиратга қолдиради. Унинг бу раҳмати сизларни ғафлатда қолдирмасин, ақл-ҳушингиз борлигида Унга имон келтиринг, буюрганларини адо этинг, қайтарган нарсаларидан четда бўлинг. Қуръони каримда олдин ўтган пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари ҳақидаги қиссалар бежизга келтирилма-ётир. Ҳар бир инсон, жамоа, қавм, эл-юрт ва миллат бу қиссалардан ибрат, эслатма олиши зарур. Ўтган солиҳ аждодларимиз бу нарсага жуда эътиборли бўлишган.
Абдуллоҳ ибн Утбадан қуйидаги ривоят келтирилади: «Абу Дардо розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг иморатларга зеб бериб, дов-дарахт кесишга тушиб қолганларини кўрганида масжидга кириб: «Эй аҳли Дамашқ!» деб нидо қилди. Одамлар унинг атрофида тўпланишди. Шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу Аллоҳга ҳамду сано айтгандан кейин шундай деган экан: «Ҳаё қилмайсизларми, уялмайсизларми?! Емайдиган нарсаларингизни тўплаяпсизлар! Ўзингиз яшамайдиган бинолар қуряпсизлар! Ўзингиз билмаган нарсаларни умид қиляпсизлар! Сиздан олдинги асрларда ўтганлар ичида мол тўплаб-жойлаштирадиганлар, иморатларни пишиқ қилиб қурадиганлар, орзуни узун қиладиганлар бўлган эди! Шунда умидлари ғурурга айланди. Тўплаганлари балога, масканлари қабрга айланди. Ҳой, огоҳ бўлинглар! Од қавми от-уловга, Адан билан Уммон орасига эга бўлган эди. Ким мендан Однинг меросини икки дирҳамга сотиб олади?!» (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Келгуси оятларда эса Солиҳ алайҳиссаломнинг қиссалари келади:

141. Самуд пайғамбарларни ёлғончига чиқарди.
Самуд қавми ҳам Қуръонда энг кўп зикр қилинганлардан ҳисобланади. Қуръони каримнинг бир неча сураларида таъкидланганидек, Самуд қавми ҳам худди Од каби Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига итоат этмаган ва охир-оқибатда ҳалок бўлиб кетган. Тарихий манбаларда Самуд деган қавм, миллат яшаб ўтгани келтирилган. Ҳуд алайҳиссалом вафотидан кейин Самуднинг зурри-ётлари Шимолий Арабистон минтақаларига бориб жойлашишган. Улар тоғ-тошларни йўниб, баланд иморатлар, кўшк ва саройлар қуриш билан шуҳрат топишган. Самуд қавми Шом ва Ҳижоз ора-сидаги Ҳижр деган жойда яшаб ўтган. Шунинг учун қавмнинг яна бир номи “Асҳоби Ҳижр”дир. Олимлардан Истаҳрий Ҳижр ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради: “Ҳижр - халқи кўп бўлмаган бир жойдир. Тоғлар орасида жойлашган бўлиб, у ердан Водил-Қурога бир кунлик йўлдир. Қуръони каримда марҳамат қилинган Самуд қавми тошлардан йўниб ясаган уйлар мана шу ердадир. Асолис деган тоғда ташқи кўриниши ҳозирги уйларга ўхшаш, жуда баланд уйларни кўрдим. Узоқдан қараганлар уларни бир-бирига улашиб кетган тоғлар деб ўйлайди. Яқинлашгач, уларнинг алоҳида-алоҳида қурилганини кўради. Бу уйларнинг устига катта машаққат билан чиқиш мумкин”.
Аввалги пайғамбарлар олиб келган тавҳид динидан адашиб, ўзларига бошқа “илоҳ”лар топиб олган бу қавмга Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Лекин Самуд ҳам ўзидан олдинги қавмларга ўхшаб Аллоҳнинг пайғамбарига қулоқ солмади, бу ҳам қолиб, унинг гапларини ёлғонга чиқарди. Нодон қавм биргина Солиҳ алайҳиссаломни эмас, балки барча пайғамбарларни ёлғончига чиқарди.

142. Ўшанда биродарлари Солиҳ уларга айтди: «Кўрқмай-сизларми?!;
Аллоҳ таоло Самудга ўзларидан Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У ҳам худди Ҳуд алайҳиссалом каби қавмини Аллоҳнинг тавҳидига чақирди, бут-санамларга сиғинишдан қайтарди. У ҳам жоҳил ва осий кимсаларни Аллоҳнинг дунё ва охиратда итоатсиз қавмлар устига юборадиган бало ва жазоларидан огоҳлантириб, “Аллоҳдан қўрқмайсизларми?!” деб хитоб қилди.

143. мен сизларга ишончли пайғамбардирман;
Лекин Самуд қавми ўзидан олдингиларига ўхшаб Аллоҳнинг пайғамбарига қулоқ солмади, огоҳлантиришларини назарга илмади. Куфр ва ширк ботқоғига ботганлар ана шундай кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиб олади, ўзини тушунмаганликка солади. Ваҳоланки, Солиҳ алайҳиссалом обрўли киши эди, қавм ҳам уни ҳурматлар эди. Солиҳ алайҳиссалом одамларни Ҳақ йўлига чақиришни бошлаши билан вазият ўзгарди. Олдин ҳурматлаб турган қавм энди унга қаршилик кўрсатишга ўтди, ҳатто унинг гапларини ёлғонга чиқара бошлади. Бундан таажжубга тушган ҳазрати Солиҳ уларга ўзининг ишончли пайғамбар экани ҳақида уқтира бошлади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: Улар: «Эй Солиҳ, бундан олдин орамизда умид крлинадиган киши сен эдинг. Энди бизни ота-боболаримиз сиғиниб келган нарсаларга сиғинишдан ҳайтарасанми? Биз сен даъват этаётган нарсангдан шак-шубҳадамиз», дейишди (Ҳуд, 62).

144. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар;
Қавмнинг жуда оз қисми Солиҳ алайҳиссаломнинг чақириғига қулоқ солди, унга эргашди. Имон келтирмаган бой-бадавлат, аслзода кишилар эса ўзлари ҳидоятга келмаганлари бир ёқда қолиб, Аллоҳнинг пайғамбарига очиқдан-очиқ тазйиқ ўтказишга киришишди. Унинг “Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар” деган чақириқлари жавобсиз қолди. Қавмнинг аслзодалари ҳатто унга эргашган имонли кишиларга ҳам зуғум қила бошлади. Аллоҳ таоло айтади: “Қавмнинг мутакаббир сардорлари имон келтирган бечораларга: «Солиҳни Парвардигори пайғамбар қилиб юборган деб ўйлаяпсизларми?» дейишди. Улар: «У орқали юборилган нарсага албатта имон келтирамиз», дейишди. Мутакаббирлар: «Сизлар имон келтирган нарсани инкор қиламиз», дейишди (Аъроф, 75-76).

145. бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, менинг ҳақим фақат оламлар Парвардигорининг зиммасидадир;
Солиҳ алайҳиссаломнинг Самуд қавмига айтаётган бу гаплари ўтган бошқа пайғамбарларнинг гапларига айнан ўхшайди. Чунки Аллоҳнинг барча пайғамбарлари илоҳий ваҳийни етказишгани, рисолатни ёйишгани учун одамлардан ҳақ олишмайди, улардан бирор нарса тамаъ қилишмайди, ҳақ-мукофот илинжида бўлишмайди, балки хизматлари мукофотини ёлғиз Аллоҳ таолодан умид қилишади.

146. омонликда қолдирилармиди бу ердаги нарсаларда;
Аллоҳдан ва Солиҳ алайҳиссаломнинг пайғамбарлигидан шубҳаланаётган қавмнинг каттагина қисми уни очиқ инкор қилгани етмагандек, бошларига келаётган бало-мусибатларга Аллоҳнинг элчисини сабаб қилиб, уни ўлдириш режасини туза бошлади. Аммо ҳамма нарсага қудрати етадиган Зот уларнинг бу макрларини чиппакка чиқаришини, уларни ўзлари эга бўлган неъматлар ичида қолдириб қўймаслигини, барчаларини бир лаҳза ичида ер юзидан йўқ қилиб юборишини наҳот улар сезмаётган бўлсалар?!

147. боғларда ва булоқларда?!
Аллоҳ таоло уларга гўзал боғларни, зилол сувли булоқларни инъом этиб қўйгани уларни синаш учун эди. Аммо улар бу синовдан ўта олмади. Беҳисоб неъмат ва атолар учун Парвардигорга шукр қилиш ўрнига улар кибр ва ғурурлари туфайли Унга осийлик қилишга ўтишди, Унинг пайғамбарини инкор қилиб, унга эргашишдан бош тортишди.

148. экинзору новдалари нозик хурмозорлар ичида;
Аллоҳ таоло Самуд қавмига боғлар ва чучук сувли булоқлардан ташқари бепоён экинзорлар ва хурмозорларни ҳам ато қилиб қўйган эди. Бу ерда хурмо новдаларининг нозиклиги ҳақида ҳам сўз бормоқда. Маълумки, хурмо узун-узун, супурги толасидек ингичка новдаларда гуллайди. Мева тукканидан кейин бу новдалар оғирликни кўтара олмай, осилиб қолади. Узун нозик новдаларда узум бошларидай ғужумлар пишиб етилади. Аллоҳнинг пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмларига айтаётган ушбу гапларидан бу қавмнинг деҳқончилик, боғдорчиликда эришган ўз муваффақиятлари билан ниҳоятда фахрланишгани кўриниб турибди.

149. яна усталик билан тоғлардан уйлар йўнаверасизларми?!;
Жанубий Арабистонда яшаган Од қавми, Однинг зурриётлари бўлган ҳазрамийлар кейинчалик шимолга кўчиб бориб макон тутган минтақада ва уларнинг марказий шаҳарлари яқинида олиб борилган қазишмалар натижасида ана шу уйларнинг қолдиқлари топилган. Самуд қавмига тегишли тошдан йўниб ишланган маҳобатли қасрлар, юксак санъат даражасидаги саройлар тош йўниш маҳорати бобида уларнинг тенги бўлмаганини кўрсатади. Қавм ўзининг ана шу иқтидорига ғурурланиб, Аллоҳни ва Унинг пайғамбарини инкор қилишгача борди. Самуд қавми ҳозирги аҳли дунёларга - моддапарастларга ўхшаб, ўзларидаги дунё мол ва матоҳлари билан керилишни яхши кўришар эди. Уларнинг тошдан йўниб қурган қасрларининг қолдиқлари ҳозиргача сақланиб қолган. Солиҳ алайҳиссалом ўз қавмига улар манманлик қилиш учун тошдан йўниб қурган уйларини танқид қилиб эслатмоқда.

150. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар;
Бошқа барча пайғамбарлар каби Солиҳ алайҳиссалом ҳам жоҳил қавмни Аллоҳдан қўрқишга ва ўзига итоат қилишга, даъватларига қулоқ солишга чақирди: “Эй қавмим, сизлар манманлик ва мол-дунё балосига муккангиздан кетиб, ўзларингизни ким яратганини, нега дунёга келганингизни унутиб қўйдинглар. Беҳуда айшу ишрат, ахлоқсизликларга берилиб кетдинглар. Мана шу гуноҳ ишларни тезда тарк этиб, Аллоҳ таолога тақво қилинглар, яъни ундан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар, мен олиб келган рисолатни ёлғонга чиқарманглар”.

151. ва ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат қилманглар;
Яъни, Аллоҳнинг пайғамбари ўзига итоат қилмаётган золим қавмни Ер юзида фисқу фасод тарқатиб, ҳаддидан ошаётган кимсаларнинг буйруқларига итоат этмасликка чақирмоқда. Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари ўзлари юборилган қавмларни худди Солиҳ алайҳиссалом айтгани каби ҳаддан ошиб, золимликни кучайтирадиган, одамларга жабр-ситам кўрсатиб, Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган кимсаларга эргашмасликка чорлаб келишган. Бу нарса замонамизга келиб айниқса долзарблик касб этмоқда.

152. улар ер юзида бузгунчилик қилишади, ислоҳ этишмайди».
Яъни, бундай муттаҳам кимсаларнинг асл мақсади Ер юзида бузғунчилик тарқатиш, турли халқлар-қавмларни бир-бирига қарши қайраб, уларнинг бойлик ва соф эътиқодларини тортиб олиш, шу йўл билан дунёда якка ҳукмронлик қилишдир. Мусулмонлар уларнинг ҳийла-ёлғонларига мутлақо ишонмасликлари, ўзларини сулҳпарвар ва ислоҳчи қилиб кўрсатиб, аслида бутун-бутун халқларни қул қилиш режасини тузаётганларнинг макр - фитналаридан огоҳ бўлишлари лозим. Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми Самуд пайғамбарнинг насиҳатларига қулоқ солишни истамади, чунки кибр, ғурур ва калтафаҳмликлари бунга йўл қўймади. Аксинча, пайғамбарнинг куюниб айтган бу гапларига жиноятчи кимсалар қуйидаги жавобни беришди:

153. Улар айтишди: «Сен аниқ сеҳрланганлардан холоссан;
Жоҳил ва нодон қавмнинг Аллоҳнинг пайғамбарини инкор қилиши шу даражага бордики, улар Солиҳ алайҳиссаломни сеҳргарга чиқаришди. Одобсизлик ва аҳмоқлик бундан ортиқ бўлмаса керак:
ақлдан озмаган кишини ақлдан озганликда, сеҳрланмаган одамни сеҳрланганликда айблаб туришса! Нима қилиб бўлса ҳам пайғамбарни бу вазифага номуносиб деб айблаб, у олиб келган илоҳий амрларни инкор қилишса бўлдида!

154. сен ҳам бизга ўхшаган инсондан бошқа нарса эмассан. Агар ростгўйлардан бўлсанг, бир мўъжиза келтир-чи!».
Самуд қавми ўзига рисолатни олиб келган пайғамбарни камситишда давом этиб, энди уни оддий инсонсан деб маломат қилишни бошлади: “Сен ҳам бизга ўхшаб таом ейдиган, сув ичадиган, ухлайдиган оддий бир инсонсан-ку! Агар сен ростдан ҳам пайғамбар бўлсанг, буни исботлайдиган бирор мўъжиза келтир-чи!” дейишди улар. Бу қавмнинг нодонлиги шунда эдики, улар пайғамбарларни инсон наслидан чиқмайди, деб ўйлашар эди. Шунда Солиҳ алай-ҳиссалом Парвардигорига илтижо қилиб, жоҳил қавмни ҳидоятга бошлайдиган бир мўъжиза ато этишини сўради. Аллоҳ таоло у кишига бир туяни мўъжиза қилиб берди.
Аллома Ибн Касир ушбу воқеани шундай шарҳлайди: “Улар Солиҳ алайҳиссаломнинг сўзлари ростлигига далолат қилувчи бир мўъжиза кўрсатишни, яъни бир харсанг тошдан фалон-фалон сифатларга эга бўлган, қорнида ўн ойлик боласи бўлган туяни чиқаришни талаб этишди. Солиҳ алайҳиссалом шу ишни қила олса, имон келтириш ҳақида ваъда беришди. Солиҳ алайҳиссалом ўрнидан туриб, намоз ўқиди. Аллоҳ таолога тазарруъ билан талаб этилган мўъжизани ато қилишни сўраб, дуо қилди. Шунда қавм ишора қилган тош бир туяга айланди. Сўнг баъзи кишилар имон келтирди, лекин кўпчилик бунга ишонмай аҳдини бузди ва кофир ҳолида қолиб кетди” (“Тафсиру Ибни Касир”, 6-жилд, 166-бет).

155. У айтди: «Мана шу туя. Бир кун унинг, маълум бир кун сизларнинг сув ичиш навбатингиз;
Жоҳил қавм Солиҳ алайҳиссаломдан бир мўъжиза келтиришни талаб қилиб туриб олгач, Аллоҳ Ўз пайғамбарига мўъжиза сифатида тошдан бир ҳомиладор урғочи туяни чиқариб, қавмнинг олдига юборди. Аммо сувхонаси битта бўлган қавм туянинг кўп сув ичишидан шикоят қила бошлади. Шунда Солиҳ алайҳиссалом туя ва қавм ўртасидаги сувни тақсимлаш борасидаги Парвардигор қўйган шартни ҳам эслатди: сувхонада бир кун ушбу туя сув ичади, бошқа куни эса қавмнинг сув ичиш навбати келади. Ушбу туя сизлар сув ичадиган куни сувхонага келмайди.

156. унга ёмонлик қила кўрманглар, акс ҳолда сизларни буюк Куннинг азоби тутади».
Қавм қўйган талаб Аллоҳ таоло томонидан бажо келтирилгач, Солиҳ алайҳиссалом Самуд қавмига ўша мўъжиза туяни кўрсатиб: «Мана бу жонивор менинг ҳақиқий пайғамбар эканимни исботловчи туя. У маълум бир куни булоқдан сув ичса, сизлар бошқа куни ичинг. Бу туя сизларнинг навбатингиз бўлган куни булоқдан сув ичмайди. Фақат унга бирор ёмонлик етказиб қўйманглар, акс ҳолда сизлар буюк Кун ҳисобланмиш қиёматнинг қаттиқ азобига гирифтор бўласизлар». Аммо жинояткор қавм Аллоҳ белгилаб берган бу шартга амал қилмади.

157. Уни сўйишди ва надомат чекувчиларга айланишди.
Исёнчи қавм Аллоҳ пайғамбарининг огоҳлантиришига қулоқ солмади. Қавм ичидан бир кишини ёллаб, туяни сўйдиришди. Бу уларнинг ниҳоятда туғёнга кетганининг кўриниши эди. Қилар ишни қилиб қўйиб, кейин эса афсус-надомат чека бошлашди. Аммо вақт ўтган, энди бунинг асло фойдаси йўқ эди. Аллоҳ таоло айтади: “Биз уларни синаш учун бир туяни юбордик. Сен кузатиб, сабр крлиб тур! Сувнинг улар билан туя ўртасида тақсимлаб куйилгани ва ҳар бир ичишга ҳозир бўлиш ҳаҳида уларга хабар бер! Сўнгра улар ўзларининг бир шеригини чорлаган эди, у ишга киришди ва туяни сўйиб юборди" (Қамар, 27-29).

158. Шунда уларни азоб тутди. Албатта бунда аломат бордир, лекин уларнинг кўплари мўмин бўлишмади.
Туя сўйиб юборилганидан кейин мушриклар ўзлари огоҳлантирилган азобнинг келмаётгани учун яна Солиҳ алайҳиссаломни ёлғончи деб айблашга тушишди. Бу воқеадан кейин қавмга ҳеч қандай панду насиҳатнинг фойдаси йўқлигини кўрган Солиҳ алайҳисссалом уларга уч кундан кейин ҳалок бўлишлари хабарини берди. Уч кундан сўнг Аллоҳнинг ҳақ ваъдаси ва пайғамбарининг огоҳлантириши амалга ошди, Самуд қавмининг имонсизлари батамом ҳалок бўлди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ва Парвардигорлари амридан бош тортиб, туяни сўйиб юборишди ҳамда: «Эй Солиҳ, агар пайғамбарлардан бўлсанг, ваъда қилган азобингни кўрсат-чи!», дейишди. Шунда уларни зилзила ушлади ва уйларида тиз чўкибҳалок бўлишди” (Аъроф, 77-78).

159. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир.
Ҳа, Қуръони каримнинг бошқа қиссалари каби Самуд қавми қиссасида инсонлар учун кўплаб ибратлар, оят-аломатлар бор. Айниқса, азобга учраган ўша қавмга ўхшаб, мол-дунё кетидан қуваётган, турли ҳою-ҳавасларга берилган бугунги одамлар улардан айниқса кўпроқ ибрат олишлари жуда зарур. Дунё ҳаётининг бундай матоҳлари Аллоҳга имон келтиришдан, Унга итоат қилишдан тўсса, бунинг оқибати ўта аянчлидир. Аллоҳ таоло айтади: “Улар (Солиҳ ва унинг эргашувчиларига кррши) ўз макрларини қилишди. Улар сезмаган ҳолларида Биз ҳам “макр” қилдик” (Намл, 50).

160. Лут қавми пайғамбарларни ёлғончига чиқарди.
Ҳозирги Ўлик денгизи яқинидаги шаҳар-қишлоқларда яшаган Лут қавми инсоният учун ниҳоятда жирканчли саналган бир балога гирифтор бўлган, яъни бесоқолбозлик билан шуғулланар эди. Ибн Касирнинг тафсирида айтилишича, Лут алайҳиссаломнинг қавми Садум деб аталиб, бу Ўрдун водийсидаги бир қишлоқнинг номи бўлган. Садум аҳлига қадар эркакларнинг эркаклар билан алоқа қилиши тарихда асло содир бўлмаган эди. Лут алайҳиссалом қиссаси Қуръони каримнинг Аъроф, Ҳуд, Ҳижр, Анбиё, Шуаро, Намл, Анкабут, Соффот, Қамар ва бошқа сураларида зикр этилган. Ушбу бузуқ қавм ҳам жиноятларига иқрор бўлиб, тавбага шошилиш ўрнига ўзини инсофга чақираётган пайғамбарни ёлғончига чиқарди.

161. Ўшанда биродарлари Лут уларга айтди: «Қўрқмайсизларми?!;
Барча пайғамбарлар каби Лут алайҳиссалом ҳам қавмини Аллоҳдан қўрқишга, қабиҳ жиноятларини тарк этишга чақирди. У қавмини инсофга чақирмоқчи бўлиб,уларга шундай деди: “Шунчаликҳам бузуқ бўласизларми, қабоҳат ва разолатнинг энг чўққиси ҳисобланган бу жирканч ишга қўл урасизларми? Бу қилмишларингиз Аллоҳнинг ғазаби ва азобига гирифтор қилишидан қўрқмайсизларми?”

162. мен сизларга ишончли пайғамбардирман;
Лут алайҳиссалом яна қавмига хитоб қилиб, шуларни айтди: “Сизлар мени ноҳақ ёлгончига чиқаряпсизлар, мен келтирган рисолатни бекорга тан олмаяпсизлар. Ваҳоланки, мен Парвардигорингиз томонидан сизларга юборилган ишончли пайғамбардирман”.

163. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар;
Бошқа пайғамбарлар каби Лут алайҳиссалом ҳам исёнкор қавмини Аллоҳдан қўрқишга ва ўзига итоат қилишга чақирмоқда. Ҳақиқатан ҳам Аллоҳдан қўрқмаган, Унинг пайғамбарига итоат қилмаган одам ҳар қандай гуноҳ ва хатоликларга қўл ураверади. Ваҳоланки, динимизда Аллоҳдан қўрқув ва Унинг Пайғамбарига бўйсуниш имон шартларидан ҳисобланади. Ислом тарихи саҳобийлар, салафлар тимсолида бу борада улкан ибрат воқеаларини етказиб келган. Ғазот-фатҳларда қаттиқ ярадор бўлганига қарамай шерларча олишган, устига душман бостириб келганида ҳам бир туки сесканмаган, ўлимга тик борган Набий алайҳиссаломнинг сафдошлари Аллоҳни эслашганида чумолидай хоксор, мусичадай беозор инсонларга айланишган. Унинг иқоб-азобларини ўйлашганида қўрқувдан дағ-дағ титрашган. Дўзах зикри келган оятларни эшитиб юм-юм йиғлашган. Охират ҳисоб-китобини эслаб даҳшатга тушишган. Ёмон хотиманинг қўрқувидан ҳатто соч-соқоллари бир кечада оқариб кетган. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, Аллоҳдан кўрқингиз ва ўз ораларингни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига бўйинсунингиз!» (Анфол, 1). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат этганлар: «Аллоҳ азза ва жалланинг азамати, ҳайбати ва кибриёсидан ҳамма вақт хавф ва қўрқувда бўлиш барча ҳикматларнинг бошидир».
Аллоҳдан қўрқувчилар тақводорлардир. Тақводорлар Аллоҳдан қўрққанлари учун Унинг амрига итоатда туришади. Унинг юборган пайғамбарларига бўйсунишади. Ўзларини барча ёмонликлардан тийишади. Охират йўлида ҳамиша ибодатда бўлишади. Жаннат неъматлари орзусида барча қийинчилик, азоб-уқубатларга сабр этишади. Тақводорликнинг белгиси қўрқув ва умид орасида туришдир. Яъни, Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг азобидан, дўзахидан, иқобга олишидан, ҳисоб-китобидан қўрқиш ва айни пайтда Унинг раҳмат-мағфиратидан, меҳрибонлигидан, жаннатга киритишидан умидворлик туйғуси билан яшашдир!

164. бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, менинг ҳақим фақат оламлар Парвардигори зиммасидадир;
Лут алайҳиссаломнинг Садум қавмига айтаётган бу гаплари ушбу суранинг олдинги оятларида зикри келган бошқа пайғамбарларнинг гаплари билан бир хилга ўхшайди. Чунки Аллоҳнинг барча пайғамбарлари илоҳий ваҳийни етказишгани, рисолатни ёйишгани учун одамлардан ҳақ ёки мукофот тамаъ қилишмайди, уларнинг бирор нарса беришларини кутишмайди, ажр-мукофот илинжида бўлишмайди, балки дин даъвати йўлидаги хизматлари мукофотини ёлғиз Аллоҳ таолодан умид қилишади.

165. бутун оламлардан эркакларга яқинлашасизларми?!;
Лут алайҳиссалом ўз ҳузурига келган меҳмонлар билан алоқа қилиш истагида ёпирилиб келган қавмни инсофга чақирмоқчи бўлади: “Сизлар бутун оламлардан ажраб, ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилмоқчимисиз? Аёлларга уйланиш ўрнига эркакларга яқинлашмоқчимисиз? Сизлар соф фитратни бузиб, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилган аёлларни қўйиб, эркаклар билан фаҳш ишни қилмоқдасиз”. Бу ифлос ишни Лут қавмигача дунёда ҳеч ким қилмагани олдин ҳам айтиб ўтилган эди. Лут алайҳиссаломнинг «оламлардан» дейишида ҳам шу маъно ўз ифодасини топиб турибди.

166. ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфтларингизни тарк этиб а?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар».
Аллоҳ инсон зотини жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратиб, биридан иккинчисининг сакинат ва лаззат олишини ирода қилган. Аммо Лут алайҳиссаломнинг қавми ушбу илоҳий низомдан чекиниб, инсоният тарихига “бесоқолбозлик” деган балонинг кириб келишига сабабчи бўлди. Бесоқолбозлик, яъни эркакнинг эркак билан жинсий алоқа қилиши араб тилида «ливота» деб аталади. Бу ишдан жирканиш шунчалик зўрки, унинг номини айтишга ҳам тил бормайди, аксар ҳолларда «Лут қавмининг ишини қилибди» деб ҳам қўйишади. Чиндан ҳам бу иш энг ёмон фаҳш ҳисобланади, чунки бу иш билан машғул бўлганлар инсонлик табиатидан чиқиб кетган бўлади. Эркак билан аёлнинг қўшилишидан ҳаёт давом этади. Эркак билан эркак қўшилса, бунинг тескариси бўлади. Хуллас, бу иш таърифга сиғмайдиган даражада ярамасдир. Шунинг учун ҳам барча шариатлар бу ишни ҳаром қилган. Пок инсоний табиат бу нарсани ҳеч қачон кўтармайди. Шунинг учун ҳам Лут қавми ер юзидан бутунлай йўқ қилиб юборилган. Ҳозирги кунда инсониятга оммавий қирғин даҳшатини солиб турган, инсонда касалликларга қарши курашиш қобилиятининг йўқолиши касаллиги (ОИТС) ҳам эркакларнинг эркаклар билан қўшилишидан келиб чиққани, шу иш билан шуғулланувчилар орасида кўп тарқалиши ҳам бежизга эмас. Лут алайҳиссалом қавми ҳам бузуқ қилмишлари билан Аллоҳ белгилаб қўйган чегаралардан ўтиб кетди ва ҳалоллик ҳудудидан ҳаром сари юриб, ҳаддидан ошди. Оятдаги “ҳаддан ошиш” ҳақида “Жамал” (Жалолайн тафсири ҳошияси) китобида шундай дейилган: “Лутнингўз қавмини бу жирканч ишда айблашига сабаб шуки, Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга никоҳланиш ва насл қолдириш рағбатини ато этди ва аёлларни эркаклар учун “экинзор” қилди. Агар эркаклар аёлларни қўйиб, ўз жинсига мансублар билан эҳтиёжларини қондиришса, илоҳий низом бузилган, инсон ҳаддидан ошган ҳисобланади”.

167. Улар: «Эй Лут, агар тўхтамасанг, албатта ҳайдаб чиқарилганлардан бўласан!» дейишди.
Аллоҳ пайғамбарининг инсоф ва покликка чақириш йўлидаги уринишлари беҳуда кетди. Унинг куйиб-пишиб қилган панду насиҳатлари ақли шаҳватига буткул мутеъ бўлган қавмга ёқмади, улар пайғамбарни қўрқитиш ва унга таҳдид қилиш маъносида “Агар бизларни қилаётган ишларимиздан қайтаришни тўхтатмасанг, сени қишлоғимиздан бир умрга ҳайдаб чиқарамиз”, дейишди. Жинояткор қавм ўзини инсонийлик шаънига тўғри келмайдиган ифлосликдан қайтарган пайғамбарига ана шундай маънода дўқ-пўписа қилди. Одатда инсон нафси разолат ботқоғига ботса, у ўзини яхшилик, поклик, ҳаё-иффатга чақирганларни хушламайди, уларга қаршилик кўрсатишни бошлайди, исёнга боради.

168. У айтди: «Албатта, мен сизларнинг (бу) ишларингизни ёмон кўрувчиларданман;
Фаҳш ботқоғига ботган жоҳил қавм Лут алайҳиссаломга қаттиқ қаршилик қилиб, уни бу йўлидан қайтаришга бир неча бор уриниб кўрди. Лекин Лут алайҳиссалом ҳам бўш келмади, уларнинг одобсизлигига жавобан “Мен сизларнинг қилаётган ишларингизни ниҳоятда ёмон кўраман, ушбу қабиҳ жиноятларингиздан нафратланувчи ва унга тиш-тирноғим билан қаршилик қилувчиларданман”, деди. Мўмин киши бирор мункар ишни кўрганида қўлидан келганича бундан қайтаради. Агар бунинг иложини қила олмаса, ўша ишдан норози эканини, уни ёмон кўришини изҳор қилиб қўяди. Бу ҳам ёмонликка, қабиҳ ишга қарши курашишнинг бир кўринишидир. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар бунга ҳам қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф имондир», дедилар» (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).

169. Парвардигорим, менга ва аҳлимга уларнинг қилаётган амалларидан нажот бергин!»
Жоҳил қавмга қарата жасорат билан юқоридаги гапни айтган Лут алайҳиссалом жиноятчи қавмнинг қилмишларидан ниҳоятда жирканаётганини айтди ва шу билан бирга Парвардигоридан уларнинг кирдикорларидан нажот сўради. Яъни, “эй Роббим, мен ва мен билан имон келтирган мўминларга бузуқ қавмнинг ишлари оқибатидан нажот бергин, қутқаргин!” Аллоҳ таоло у кишининг дуоларини қабул қилиб, ижобат этди.

170. Шунда унга ва аҳлининг барига нажот бердик;
Яъни «Лутга ва унга эргашган оила аъзолари, мўмин-мусулмонларнинг ҳаммаларига жинояткор қавмга юборилган азобдан нажот бердик». Аллоҳ таоло фаҳш ва разолат балосига йўлиққан қавмни ҳалокатга учратиб, ер юзидан йўқ қилиб юборди. Фақат Лут алай-ҳиссаломга эргашган, унга итоатда бўлган имонли кишиларгина Аллоҳнинг бу даҳшатли жазосидан омонда қолиб, нажот топишди.

171. қолувчилардан бир кампиргина мустасно.
Бу кампир Лут алайҳиссаломнинг ўз хотини эди. Мазкура аёл Лут алайҳиссаломга пайғамбар сифатида имон келтирмаган эди. Эрини тасдиқлаш, унга ёрдам бериш ўрнига бузуқ қавмнинг кирдикорларига хайрихоҳлик қилар эди. Шунинг учун у ҳам ҳалок бўлувчилар билан бирга қолиб кетди. Аллоҳ таоло айтади: “Биз (Лутга) ва унинг аҳлига нажот бердик. Факрт унинг хотини (нажот топмади, чунки) Биз уни крлиб, ҳалок бўлувчилардан эканини тақдир килиб - белгилаб кўйдик” (Намл, 57).

172. Сўнгра қолганларини ҳалок қилдик.
Аллоҳнинг жазосидан нажот топганлардан бошқа ҳаммаси оммавий ҳалокатга дучор қилинди. Лут қавмидан бўлган кимсаларнинг куфрга ва эркаклар билан яқинлик қилишга муккасидан кетгани сабабли улар Парвардигорнинг қаттиқ азобига ва жазосига учрашди. Қишлоқлари ер билан яксон қилинди, барчалари битта ҳам қолмай ҳалок бўлди.

173. Ва уларнинг устига бир ёмғир ёгдирдикки, огоҳлантирилганларнинг ёмғири нақадар ёмон бўлди!
Яъни, Биз уларни хор-зор қилиш ва таҳқирлаш учун улар устига тош ёмғирини ёғдириб, фаҳшга қул бўлган қавмни битта ҳам қолдирмай ҳалок этдик. Ваҳоланки, илгари уларни азоб келиши ҳақида, қилмишларининг оқибати ниҳоятда аянчли бўлиши тўғрисида огоҳлантирган эдик. Мана, ўша азоб келди. Бунга фақат ўзларининг қилмишлари сабаб бўлди. Куръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Фосик, бўлганлари учун Биз бу ҳишлок, аҳли устига осмондан азоб (тош) ёғдирамиз. Биз аҳл юритадиган ҳавмга ундан (ўша қишлокдан) аник, асорат қолдирганмиз” (Анкабут, 34-35).

174. Албатта бунда аломат бордир, лекин уларнинг кўплари мўмин бўлишмади.
Лут ва унинг қавми қиссасида ақл эгалари учун ибрат-аломатлар талайгина. Лекин аксарият кишилар буларни аниқ кўриб туришса ҳам, имон келтиришмайди, гуноҳ ишларидан қайтишмайди. Ҳалокатга учраган Садум қишлоғидан Муҳаммад алайҳиссаломгача сақланиб қолган аломатлар нима экани ҳақида бир қанча ривоятлар бор. Уларнинг харобага айланган масканларининг қолдиқлари, қишлоқўрнида пайдо бўлган суви қора бўлган кўл, осмондан ёққан тош қолдиқлари, Қуръонда ва кўҳна ривоятларда зикр этиб келинаётган уларнинг қиссалари ана шундай ибратли аломатлардир.

175. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир.
Инсонлар Лут алайҳиссаломнинг қавми қиссасидан ибрат олишлари, Аллоҳ ҳаром қилган ишларга яқинлашмасликлари, инсон табиатига мутлақо зид бўлган нарса билан шуғулланишдан четда бўлишлари керак. Акс ҳолда Азиз (барчанинг устидан ғолиб) сифатли Аллоҳ таолонинг қаттиқ азоби ва жазосига учраб қолишлари аниқ. У Ўзининг Раҳим сифати билан эса осийлар устига юборадиган жазосини кечиктириб туради, холос.

176. Айка соҳиблари пайғамбарларни ёлғончига чиқаришди.
Юқорида зикри келган бир неча итоатсиз қавмлар каби Айка соҳиблари ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончига чиқаришди. Арабча “айка” сўзи луғатда “қалин дарахтзор, дарахтлари бир-бирига киришиб кетган ўрмон” маъносини билдиради. Бу оятда зикри келаётган Айкадан мурод Мадян ўлкасидир. Бу ўлка Ҳижоз билан Фаластин ўртасида, Ақоба кўрфазида жойлашган. У ерда дарахтлар қалин бўлиб, шохлари бир-бирига киришиб ўсади. Шунга кўра, у Айка номи билан ҳам аталади. Бу ерда яшаган қавм дарахтларга сиғинган, ўлчов ва тарозида хиёнат қилиб, халққа катта азият етказган, мамлакатда фасод тарқатиб, йўлтў-сарлик ва босқинчилик ҳам қилган. Ўша ернинг қавмига Аллоҳ таоло Шуъайб алайҳиссаломни пайғамбар этиб юборди. Бу киши Мусо алайҳиссаломдан олдин келган пайғамбар эдилар. Шуъайб алайҳиссалом қиссасининг баёни бошқа сураларда, жумладан, Ҳижр сураси тафсирида ҳам келган. Аллоҳ Ўзи юборган пайғамбар - Шуъайб алайҳиссаломни ёлғончига чиқарган Айка халқини ҳамма пайғамбарларни ёлғончи қилганликда айбламоқда. Чунки аввал ҳам бир неча бор таъкидланганидек, Аллоҳнинг биргина пайғамбарини рад этиш қолган барча пайғамбарларни инкор қилиш билан баробардир.

177. Шунда Шуъайб уларга айтди: «Қўрқмайсизларми?!
Олдинги оятларда зикри келган Ҳуд, Солиҳ, Лут алайҳимассалом каби Шуъайб алайҳиссалом ҳам осийлик ва гумроҳлик қилаётган қавмини Аллоҳдан қўрқишга чақирмоқда. Банданинг ҳар ишда, ҳар қадамда Аллоҳга юкуниши, ҳожатларини Унинг Ўзига ҳавола қилиши, Аллоҳдангина қўрқиши, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиши унинг имон, илм ва салоҳиятда пешқадам эканига далолатдир. Агар у инсонларга суянса, уларнинг марҳаматидан тамаъ қилса, маломатидан қўрқса, аҳволига вой, хорлик ва тубанликка мубтало! Аллоҳдан қўрқмайдиганлар залолат ва куфр чангалзорларида адашиб юришаверади, имонга келишмайди, охиратдаги абадий ҳётга ишонишмайди ва шу тариқа икки дунё саодатини бой бериб қўйганларини ҳам англашмайди.

178. мен сизларга ишончли пайғамбардирман;
Шуъайб алайҳиссалом ҳам юқорида зикр қилинган пайғамбарлар каби ўзининг ишончли, омонатдор пайғамбар эканини таъкидламоқда. Зеро, рисолатни етказувчи киши ростгўй, ишончли бўлмаса, унга одамларнинг эргашиши маҳол иш бўлиб қолади.

179. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар;
Шуъайб алайҳиссалом қавмига айтяптики, энди Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар, чунки Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг пайғамбарига итоат қилиш бандани адашувдан асрайди, уни имон ва ҳидоят йўлларидан оғишмай юришига имкон беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши ҳатто сут кўкракка қайтмагунича дўзахга кирмайди», дедилар (Абу Ҳурайрадан Термизий ривояти). У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай марҳамат этганлар: «Аллоҳ азза ва жалланинг азамати, ҳайбати ва кибриёсидан ҳамма вақт хавф ва қўрқувда бўлиш барча ҳикматларнинг бошидир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шундай деганлар: «Мендан кейин мен билан кўришишни, бирга бўлишни истасанг, Аллоҳдан қўрқувни кучайтир. Аллоҳдан қўрқув инсонни яхши амалларга йўллайди...Аллоҳдан қўрққанлар фақат Ундангина қўрқадилар, эҳтиёт бўладилар... Аллоҳдан бошқасидан қўрққанларни эса Аллоҳ ҳамма нарсадан қўрқитади...».
Қўрқувнинг ўз тарозуси бор: унинг бир палласига Аллоҳдан қўрқув, иккинчи палласига эса махлуқдан қўрқув қўйилади. Бу тарозининг шайинлари жуда сезгир: паллалардан бири хиёл босса ҳам бу шайин илғайди. Аллоҳ яратган махлуқлардан, жумладан инсонлардан қўрқиш қалбдан Аллоҳ қўрқувини кетказиб қўяди. Махлуқдан қўрқмаслик эса Аллоҳнинг Ўзидан қўрқишга олиб боради. Шунда бир савол туғилади: «Ҳаётдаги, табиатдаги, борлиқдаги ҳар хил қўрқувлардан бирданига қандай халос бўлиш мумкин?» Бунинг энг тўғри ва энг мақбул йўли - Аллоҳнинг Ўзидан қўрқиш. Ундан кўра кўпроқ қўрқиладиган ҳеч нарса, ҳеч бир мавжудот йўқ. Агар кимдандир Аллоҳга қараганда кўпроқ қўрқсак, Унга ўша кимсани шерик қилган бўламиз. Бу «ширк» дейилади, ширк эса энг оғир гуноҳ, имоннинг заволи, эътиқоднинг кушандасидир. Бизни ҳар қандай жазодан қутқарувчи Аллоҳнинг Ўзи! Ҳеч ким, ҳар қандай қудратли шахс Унинг ҳузуридаги ҳисоб ва жазодан қутқариб қола олмайди! Аллоҳдан қўрқиш - банда учун илоҳий неъмат, улуғ қаҳрамонлик! Унга сиғиниш ва итоатда бўлиш дунёнинг барча қўрқув ва гуноҳларидан бирданига халос бўлишдир! Ҳузури Олийяда ўзни паст, ҳоксор тутиш - энг улуғ олийжаноблик! Молик ибн Динор айтганки, «Агар киши нафсида қўрқинч ва умид аломатини билса, у ишончли ишни ушлабди». Яҳё ибн Муоз эса «Инсон агар фақирликдан қўрққанидек жаҳаннам оташидан ҳам қўрқсайди, шубҳасиз жаннатга кирарди», деган.

180. бунинг учун сизлардан ҳақ сўрамайман, менинг ҳақим фақат оламлар Парвардигорининг зиммасидадир;
Аллоҳнинг барча пайғамбарлари қавмиларига қилган даъватлари, насиҳатлари, уларни ҳақ динга чақирганлари эвазига бирор нарса тамаъ қилишмаган, бунинг учун ҳақ ёки мукофот сўрашмаган. Уларнинг ҳаммалари рисолатни етказишнинг мукофотини ёлғиз Парвардигорларидан умид қилишган. Шуъайб алайҳиссалом ҳам олдинги пайғамбарларнинг бу ҳақдаги гапларини такрорламоқда.

181. ўлчовни тўлиқ ўлчанглар ва зиён етказувчилардан бўлманглар;
Шуъайб алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган Мадян аҳолиси орасида олди-сотди, тижоратда ўлчовни камайтириб тортиш, ўзгаларни алдаш, бировнинг ҳақини уриб қолиш авж олган эди. Уларнинг ери савдо карвонлари ўтадиган асосий марказ бўлиб, у ерда савдо-сотиқ ишлари ривожланган эди. Жинояткор қавм нафақат тарози ёки бошқа ўлчовларда, балки ҳар қандай муомалада кишилар-нинг ҳақини уриб қолишда ном чиқарган эди. Нима қилиб бўлса ҳам, ҳийла, алдаш ёки кўполлик йўли билан бировнинг молини ўзиники қилиб олишга уринар эди. Шунинг учун ҳам Шуъайб алайҳиссалом уларни бу ишларда адолат билан муомала қилишга чақирмоқда. Қуръони каримнинг бир неча сураларида Аллоҳ таоло бандаларни тарозида тўғри тортиб бериш, ўлчовни камайтирмаслик, ўзгалар ҳақидан уриб қолмасликка чақирган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ва Мадянга биродарлари Шуъайбни юбордик. У айтди: «Эй ҳавмим, Аллоҳга ибодат қилингларки, Унданўзга илоҳингиз йўқ. Сизга Парвардигорингиздан далил келди, энди ўлчов ва тарозини тўлик, ҳилинглар, одамлар нарсасидан уриб крлманглар ва ўнглаб кўйилгандан сўнг ер юзида бузғунчилик ҳилманглар. Агар мўмин бўлсангизлар, шуниси ўзларингизга яхшироҳдир” (Аъроф, 85).

182. ва тўғри тарози билан тортинглар;
Қуръони карим тижорат аҳлини қайта-қайта тарозини тўғри тортиш ҳақида огоҳлантириши бежиз эмас. Чунки савдода икки томон - сотувчи ҳам, харидор ҳам рози бўлмаса, бу савдо ҳалол бўлмайди. Ҳаром савдо эса алдамчилик, товламачиликнинг ўзгинаси бўлиб, бу Ислом шариатида қаттиқ гуноҳ ҳисобланади. Ҳалол тижорат-савдо инсоний муносабатларнинг энг самаралиси, яхшиси, охират неъматларига эришиш воситаси, Аллоҳ таоло ҳузурида банда даражасини кўтарадиган амалдир. Аммо Аллоҳ ҳалол қилган савдога хиёнат, алдов, ёлғон аралаштирганлар учун эса охиратда аламли азоблар ваъда қилинган. Шуъайб алайҳиссаломнинг аввал ўлчовни, кейин тарозини зикр қилишидан жиноятчи қавмнинг тарозидан уриб қолиши алоҳида аҳамият бериладиган иш экани аниқ бўлиб турибди. Аллоҳ таоло айтади: “Ўлчаган чоғингизда тўлик, ўлчанг ва тўғри тарозида тортинг. Мана шу яхши ва оқибати гўзалдир” (Исро, 35).

183. одамларнинг нарсаларини камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрманглар;
Одамлар билан олди-берди қилишда уларнинг нарсаларини камайтириб бериш ҳам ҳаром ишлар сирасига киради. Одамлар билан муомала қилишда ўта инсофли бўлиш, улар билан молиявий муносабатларда ўзгаларнинг нарсасини камайтириб, оғринтириб беришга йўл қўймаслик лозим. Турли ҳийла-найранглар, алдов ва ёлғон ишлатиш билан уларнинг ҳаққига тажовуз қилиш ҳам ҳаромдир. Бундай ишларни қилганлар эса Ер юзида фасод-бузғунчилик қилиб юрган саналади. Шунинг учун ўзаро муносабатларда хиёнатга борманглар, бир-бирингизни алдаманглар, ҳаромдан ҳазар қилинглар. Агар бундай қилмасанглар, Ер юзида фасод-бузғунчилик тарқатиб юрган бўласизлар. Оқибатда одамлар орасида ўзаро ишонч йўқолади, ҳамма бир-бирини алдайдиган бўлади, ростгўйлик, омонатдорлик, ҳалоллик каби тушунчалар унутилади.
Солиҳ аждодларимиз ҳаётнинг ҳамма соҳалари каби савдо-тижоратда ҳам ҳалол бўлишган, динимизнинг бу борадаги кўрсатмаларига қатъий амал қилишган, бировнинг ҳақини ейиш, ўзгани алдаш, айбли молини ёлғон билан ўтказиш каби гуноҳ ишлардан четда бўлишган. Шу ўринда улуғ мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа - Имом Аъзам ҳақларидаги ривоятларни эслаш кифоя. Имом Аъзамнинг Ҳафс ибн Абдураҳмон исмли савдодаги ўттиз йиллик шериклари бор эди. Бир куни Имом Аъзам унга мол юбораётиб, баъзи кийимларнинг нуқсони борлиги ҳақида уни огоҳлантирганлар. Аммо Ҳафс буни унутиб, ўша молни аралашига ўттиз минг динорга (олтин тангага) сотиб юборади. Бундан хабар топган Имом Аъзам у билан шерикликни узадилар, бояги ўттиз минг динорнинг ҳаммасини садақа қилиб юборадилар. Бошқа ривоятда келишича, бир аёл Имомга ипак кийим келтириб, уни юз тангага сотмоқчи бўлади. Имом “Бу кийиминг юз тангадан қиммат туради, нархини қанча белгилайсан?” дейдилар. Аёл юз тангадан қўшаверади, Имом “бундан ҳам қимматроқ” деяверадилар, охири аёл кийимни беш юз тангага сотди.
Бозорларимизда, дўконларимизда тарозидан уриб қолаётганлар, ўзгаларнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиганлар, савдоларида ёлғонни кўпайтираётганлар ўлимни, қиёматни, ҳисоб-китобни эслашсин, қилмишлари эвазига охиратда аламли қийноқ-азоблар бўлиши ҳақида фикр юритишсин, бу дунёда алдаб топаётган мол-дунёлари охиратда топажак оқибатлари олдида бир пулга арзимаслигини ҳисобга олишсин.

184. сизларни ҳам, олдингиларни ҳам яратган Зотдан қўрқинглар».
Инсон Аллоҳдан қўрққандагина турли йўллар билан бошқаларнинг ҳақини ейишдан тийилиши мумкин. Шунинг учун Шуъайб алайҳиссалом Мадян аҳлига қарата айтяптики, сизларни ҳам, сизлардан олдинги қанчадан-қанча қавмларни яратган Аллоҳ таолодан қўрқинглар, У Зот қайтарган юқоридаги гуноҳ ишларга қўл урманглар. Чунки Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, иқоби қўрқинчли, азоби қаттиқдир. Дунё ҳаётидаги вақтинчалик роҳат ва лаззатлар эвазига охиратдаги абадий саодатдан маҳрум бўлиб қолманглар. Чунки Аллоҳ таоло сизлар каби ўлчов ва тарозида алдовчилик қилганларни шундай огоҳлантирган: “Уриб крлувчиларга вой бўлсин! Улар одамлардан ўлчаб олишса, тўлиқ олишади. Бошқаларга ўлчовда ё вазнда кам беришади. Улар кайта тирилишни ўйлашмайдими? Ўша улуғ бир кунда инсонлар оламлар Парвардигори ҳузурида тик туришади” (Мутаффифун, 1-6).

185. Улар дедилар: «Сен аниқ сеҳрланганлардансан, холос.
Қавмнинг нодонлари Шуъайб алайҳиссаломнинг даъватларини назарга илмадилар, билъакс уни калака қилишга тушдилар. Улар Аллоҳнинг пайғамбарига хитобан, “Сен пайғамбар эмассан, шунчаки сеҳрланиб қолган бир кимсасан” дейишдан нарига ўтмадилар. Улар бу мазаҳлари билан бошларига Аллоҳнинг азоби келишини тезлаштиришаётган эди. Одатда унча жон койитмай, ҳаром йўл билан катта мол-дунёни қўлга киритганлар бойликларига мағрурланиб қутуриб кетишади, ҳаддан ошишади, унча-бунча одамни менсимай қолишади. Худди шу ҳолат Шуъайб алайҳиссаломнинг қавмлари - Мадян аҳолиси мисоли-да ҳам кўриниб турибди. Улар ўзларини ҳалокатдан қутқариш учун келган Аллоҳнинг пайғамбарини сеҳрланганликда, ақл-ҳуши ўзидан кетгани учун айтаётган гаплари пойинтар-сойинтар бўлиб қолганликда айблашмоқда.

186. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамсан, бизлар сени ёлғончилардан деб ўйлаяпмиз.
Бойлиги, обрўсига мағрурланиб, туғёнга кетган кимсалар ҳаммани ўзига ўхшаган ёлғончи, муттаҳам, қаллоб ва алдамчига чиқаради, бошқаларнинг гапини назарга илмайди. Мадянликлар ҳам Аллоҳ юборган пайғамбарни камситиб, ерга уришга ҳаракат қилди, унинг даъватларини эътиборга олмади. “Сен ҳам худди бизларга ўхшаган оддий бир одамсан, нима учун сенинг айтганларингни бажаришимиз керак? Ҳолбуки сен айтаётган нарсаларга ишонмаганимиз учун сени ёлғончи бўлсанг керак, деб гумон қиляпмиз” деб у кишини калака қилди.

187. Агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмоннинг бир бўлагини ташлаб юбор».
Мадянликларнинг сурбетлиги шу даражага етдики, улар Шуъайб алайҳиссаломга очиқ-ойдин таҳдид қилишга ўтишди. “Эй Шуъайб, агар рост айтаётган бўлсанг, гапларингда ҳақиқат бўлса, қани синаб кўрайлик. Устимизга осмоннинг бир бўлагини ташлаб юбор, ўшанда гапларингнинг ростлигига ишонайлик”, дейишди. Куфр ва ширк чангалига тушиб қолганлар ҳамиша шундай йўл тутади: ҳақиқатни кўра-била туриб ҳам ишонмайди. Ўзи ёлғончи бўлгани учун Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончига чиқаради. Ўзини ҳақ санаб, Аллоҳнинг азобини тезлаштиришни сўрайди. Мадянликлар ҳам, айкаликлар ҳам, қурайшликлар ҳам, бошқа қавмлар ҳам фақат шу ишни қайтарган, холос.

188. У: «Парвардигорим қилаётган амалларингизни яхши билади», деди.
Ҳаммасини Аллоҳнинг Ўзи билиб турибди, Унинг Ўзи билиб, тасарруф қилади. Аллоҳ таоло бандаларининг яшаб турган жойларини, уларнинг мақом-даражаларини яхши билгани учун уларнинг қайси гуноҳларига қандай азобни қачон юбориш ҳам Ўзининг ихтиёрида. У пайғамбарларини фақат огоҳлантириш вазифаси билан юборади, улар ўзларининг даъват ишларини адо этиб, қолганини Парвардигорларига ҳавола этадилар. Қайси қавмни қачон жазолаш эса мутлоқ ҳоким Аллоҳ азза ва жалланинг иродасига, истагига боғлиқ. Мушриклар Аллоҳнинг азобини тезлаштиришни кўп ҳам сўрайвермасинлар, агар азоб келгудай бўлса, уларнинг ҳоли ёмон бўлади, уни ортга қайтаришнинг, тавба-тазарру қилишнинг имкони қолмайди.

189. Шунда улар уни ёлғончига чиқаришгач, уларни «соябон» кунининг азоби тутди. У буюк Куннинг азоби эди.
Шуъайб алайҳиссалом икки қавмга - Мадян ва Айка аҳлига пайғамбар қилиб юборилган эди. Ҳар икки қавм ҳам унинг даъватларига қулоқ солмади, ҳақ йўлга юрмади, аксинча пайғамбарни масхара қилишдан ҳам тап тортмади. Шунда иккала қавмни ҳам Аллоҳ таолонинг қаттиқ азоби тутди. Оятда «соябон» куни деганда уларнинг бошига келган азобнинг кўриниши назарда тутилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзига қараганда, Шуъайб алайҳиссаломнинг қавмини ҳалок қилишни ирода этган Аллоҳ таоло уларга дўзахдан бир эшик очиб қўяди. Қаттиқ ҳароратдан бетоқат бўлиб, одамларнинг сув ичишлари, салқин жойга ўзларини уришлари фойда бермай қолади. Ертўлага тушишса, у ташқаридан ҳам иссиқ. Улар паноҳ излаб, яна ташқарига чиқишганида Аллоҳ таоло уларнинг устларига бир булутни соябон қилиб юборади. Ундан ёқимли шамол эса бошлайди. Ҳамма ўша булут остига тўпланганида шамол оловга айланиб уларни куйдира бошлайди. Ер тинмай силкинади. Одамлар ўтда қовурилган чигирткалар каби жизғанаги чиқиб, бир зумда кулга айланади. Қатоданинг айтишича, Айка аҳолиси булут, яъни осмон балоси билан, Мадян аҳли эса ер силкиниши билан ҳалок қилинган.

190. Албатта бунда аломат бордир, лекин уларнинг кўплари мўмин бўлишмади.
Аллоҳ таолонинг золим ва жоҳил қавмлар устига юборадиган азобида бошқа қавмлар учун ибрат олишга аломатлар бордир. Аммо улар Парвардигорнинг ғазаби ҳамда азобига дучор қилувчи куфр ва ширкдан воз кеча олишмади. Аллоҳнинг динига имон келтиришмади. Аллоҳ таоло айтади: “Эслатинг, зеро эслатма мўминларга манфаат етказади. Мен жинлар ва инсонларни Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт, 55-56).

191. Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи қудратлидир, раҳмлидир.
Юқоридаги ояти карималарда зикри келган Мусо, Иброҳим, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуъайб алайҳиссаломларнинг қавмлари-нинг қиссалари билан танишиб чиққач, уларни ўрганиш давомида Аллоҳ юборган пайғамбарлар силсиласи ўз даври одамларини бир хил таълимотга чақиришгани очиқ-ойдин аён бўлади. Ана шу қавмлар ичидан жиноятчи кимсалар эса пайғамбарлар алай-ҳимуссаломга қарши туришда, уларни ёлғончига чиқаришда бир хил фикрда бўлганларини кўрамиз. Худди шу каби ишларининг оқибати ҳам бир хил бўлиб чиқди. Пайғамбарлар ва уларга эргашган мўминлар нажот топдилар. Аллоҳнинг ваҳийларига куфр келтирганлар, пайғамбарларга итоатсизлик қилганлар эса ҳалокатга учрадилар. Уларнинг ҳалокатининг сабаби ҳам Аллоҳдан қўрқмаслик ва пайғамбарга итоат этмаслик эди. Шу билан бирга, уларнинг бош жиноятидан, яъни Аллоҳдан қўрқмаслик ва пайғамбарга итоат қилмасликдан бошқа ҳар бир қавмнинг ўзигагина хос бўлган турли жиноятлари ҳам бор эди. Масалан, Мусо алайҳисса-ломга қарши чиққан қавмда шахсга сиғиниш, сиёсий, ирқий зулм ва истибдод устун эди. Иброҳим алайҳиссаломга қарши чиққан қавмда мушриклик, Аллоҳни қўйиб, бошқа турли нарсаларга, хусусан, бут-санамларга сиғиниш кучли эди. Нуҳ алайҳиссаломга қарши чиққан қавмда, ушбу сурада зикр қилинганидай, бева-бечора, камбағалларни одам ўрнида кўрмаслик, инсон қимматини мол-дунё билан ўлчаш устун эди. Худ алайҳиссаломга қарши чиққан қавмда эса дабдаба учун турли қасрлар, бинолар, иншоотлар қуриш, саноатчилик ишлари қилиб, улар билан фахрланиш, моддий устунлигини бошқаларга жабр ўтказишга ишлатиш жинояти кучли эди. Солиҳ алайҳиссаломга қарши чиққан қавмда боғ-роғлар, булоқлар, экинзорлар, хурмозорлар каби хўжалик ишлари билан фахрланиш, уларга ўта берилиш устун эди. Лут алайҳиссаломга қарши чиққан қавмда эса Аллоҳ ҳаром қилган лаззатлардан ҳузурланиш кучли эди. Шуъайб алайҳиссаломга қарши чиққан қавмда турли ҳаром-хариш йўллар билан мол-дунё топиш устун эди. Тарих ҳамиша қайтарилгани каби уларнинг қилмишлари ҳам бир хил жазога гирифтор этди. Золим қавмларнинг ушбу жиноятлари уларни охир-оқибатда ҳалокатга олиб келди. Аллоҳ таоло ибрат олишлари учун аҳли Маккага ва бутун инсониятга ўтган умматларнинг қиссаларини тиловат қилиб беришни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга амр этди. Чунки бу оятлар нозил бўлаётган пайтда Макка аҳлида мазкур жиноятларнинг ҳаммаси мавжуд эди.
Пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари ҳақидаги қиссалар тугаб, яна сура бошланишидаги мавзу, яъни Қуръони карим васфи ҳақидаги гапларга қайтилади.

192. У оламлар Парвардигорининг нозил қилганидир.
Яъни, Қуръони карим оламлар Парвардигори Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллалллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига нозил қилган мўъжиза Каломидир. Шунга биноан, Аллоҳнинг каломидан бошқа нарса Қуръон ҳисобланмайди. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб тушса ва унда мўъжиза бўлса, Қуръон ҳисобланади. Агар Аллоҳнинг каломини Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб келса-ю, мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади. Қуръон - олдинги илоҳий китобларнингтасдиғидир ваунингҳукми қиёматгача абадийдир, чунки уни нозил қилган Зот уни асровчи, сақловчидир. Қуръон мўминларни энгтўғри йўлга элтувчи, эзгу амалларни қиладиган имонли инсонларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берувчи ҳужжатдир. Мусулмонман деган ҳар бир киши Қуръонни ўқиши, уни ўрганиши фарз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, у ҳалол қилган нарсани ҳалол билса, у ҳаром қилган нарсани ҳаром билса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади ва ўз аҳлидан дўзах вожиб бўлган ўн кишига шафоатчи қилади», дедилар.

193. Уни ар-Руҳул-амин олиб тушди...
Қуръони каримни Аллоҳ таолодан “ар-Руҳул-амин” (ишончли фаришта) деб аталувчи Жаброил алайҳиссалом охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллаҳу алайҳи васалламга етказган. Кўпчилик саҳобалар ваҳийни ўз кўзлари билан кўриб, қулоқлари билан эшитиб туришган. Бунинг устига, ҳар сафар ваҳий тушганидан сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳийни ёзиб борувчи котиб саҳобаларга ояти карималарни Жаброил алайҳиссаломдан қандай қабул қилиб олган бўлсалар, шундай қилиб ўқиб берганлар. Котиблик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом билан ёзганлар, бошқа саҳобалар эса, уларни ана шундай эҳтимом билан ёд олганлар. Бу жараён Маккада ўн уч йил, Мадинада ўн йил - ҳаммаси бўлиб йигирма уч йил давом этган. Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳорис ибн Ҳишом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга ваҳий қандай келади?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳёнда менга қўнғироқ жаранги каби келади, шуниси менга энг оғиридир. Сўнг мендан арийди, мен эса айтганларини ундан сингдириб олган бўламан. Аҳёнда фаришта менга инсон қиёфасида кўриниб сўзлайди, шунда айтаётганини сингдириб оламан», дедилар». Оиша розияллоҳу анҳо: «Дарҳақиқат, у зотга қаттиқ совуқ кунда ваҳий нозил бўлаётганини, сўнг у зотдан ариганида пешоналаридан тер оқаётганини кўрганман», деди».

194. қалбингизга; огоҳлантирувчилардан бўлишингиз учун;
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматни Аллоҳнинг мукофоти ва жазосидан огоҳлатирувчи бўлишлари учун у зотнинг қалбига Қуръони каримни нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қалбнинг зангини нима кетказади?” деб сўрашганида: «Қуръон тиловати ва ўлимни ёд этиш. Қиёмат кунида Ҳақ субҳанаҳу ва таоло назарида ҳеч бир шафоат қилувчи пайғамбар, фаришта ва бошқаларнинг мартабаси Қуръон ўқувчи мартабасига тенг бўлолмайди. Ким Аллоҳни ва мени севса, Қуръонни, Қуръон тиловатини ва Қуръон ўқувчини севсин», деб жавоб берганлар.

195. очиқ-ойдин араб тилида.
Ушбу оятда Қуръоннинг «очиқ-ойдин араб тилида» нозил қилингани ҳам таъкидланмоқда. Қуръони карим араб тилидан бошқа тилга ўгирилса, Қуръонлиги қолмайди. Унинг бирор сўзи бошқа бир арабча сўз билан алмаштирилса ҳам Қуръонлиги қолмайди. Шундай бўлгандан кейин, «ўзбекча Қуръон» каби ибораларни қўллаш мутлақо нотўғридир, балки «Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржимаси» дейиш тўғрироқ бўлади. Қуръон - араб тилида тушган илоҳий Китоб. Унинг маъноларини иложи борича тўлиқ англаш учун араб тилини пухта билиш керак. Араб тилини биладиган киши ҳам Қуръони карим оятларидан чиқадиган маънони тўла тушунмаслиги мумкин. Шунда тафсирлар ёрдамга келади. Инсон қудрати етгунча Қуръони карим маъно-ҳикматларини ўрганадиган илм “тафсир” дейилади. Аллоҳ таоло айтади: “У биладиган кишилар учун арабий Қуръон ҳолидаги, оятлари муфассал баён крлинган “Китобдир” (Фуссилат, 3).

196. Албатта, ундагилар аввалгиларнинг китобларида ҳам бордир.
Аллоҳнинг Ўзи бир-ягона, дини битта бўлгани,Унингпайғамбарлари бир илоҳий таълимотни, яъни тавҳидни ёйишгани учун ҳам Парвардигор нозил қилган самовий китобларда ҳам бир хил қиссаларнинг баёни келади. Худди шу каби охирзамонда Аллоҳ таоло Ўзининг охирги китобини нозил қилиши, сўнгги пайғамбарини рисолат билан юбориши ҳақидаги хабарлар аввалгиларнинг китоблари - Таврот ва Инжилда ҳам келган. Хусусан Бани Исроил олимлари Қуръоннинг охирги ва бошқа китоблардан афзал эканини яхши билишарди. Қуръоннингвасфи,унингэгаси бўладиган пайғамбарнинг зикри аввалги умматларнинг илоҳий китобларида ҳам бордир.

197. Бани Исроил уламоларининг уни билишлари улар учун далил эмасми?!
Макка мушриклари аҳли китобларнинг уламоларига, хусусан, Бани Исроил олимларига ишонишар, уларни катта билим эгаси деб ҳисоблашар, баъзида уларнинг айтган гапларини ўзлари учун ҳужжат, далил сифатида қабул қилишар эди. Аммо Бани Исроилнинг Абдуллоҳ ибн Саломга ўхшаш уламолари Қуръони карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрлари уларнинг китобларида борлигини айтсалар ҳам, мушриклар қабул қилмадилар. Сийрат китобларида келтирилишича, Исломдан аввал Ҳусайн ибн Салом исмли бу киши Ясрибда номи чиққан яҳудий олими эди. Уни фақат диндошларигина эмас, қавми, насаби ва динидан қатъи назар, ҳамма баравар ҳурматлар эди. У ўзининг адолатлилиги, тўғрисўзлиги ва тақводорлиги билан машҳур эди. У яқин орада янги пайғамбар чиқиши ҳақидаги хабарни Тавротдан билгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, Исломини эълон қилди. Расули акрам унга Абдуллоҳ деб исм қўйдилар. Шундан кейин Пайғамбар алайҳиссалом Абдуллоҳнинг маслаҳатига кўра унинг қавмини имтиҳондан ўтказдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳни бир хонага яшириб қўйдилар ҳамда яҳудийларнинг бошлиқлари ва оқсоқолларини хузурларига чорлаб, Исломни қабул қилишни таклиф этдилар. Улардан рад жавоби олганларидан сўнг: «Орангизда Ҳусайн ибн Саломнинг мартабаси қандай?» деб сўрадилар. «У бизнинг диний раҳнамойимиз ва қабиламиз бошлиғининг ўғли. У диний ишларимизда йўлбошчи ва илоҳиёт олими ҳамдир, унинг отаси ҳам шундай раҳбар ва олим саналади», деб жавоб қилишди яҳудийлар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан: «Агар унинг мусулмон бўлганини эшитсангиз, сизлар ҳам Исломга кирасизми?», деб сўрадилар. Яҳудий оқсоқоллари: «Худо паноҳ берсин, у Исломни қабул қилиши мумкин эмас... Парвардигор уни мусулмон бўлишдан асраган», дейишди. Бироқ Ибн Салом яширинган жойидан чиқиб, қабиладошларига мусулмон бўлганини эълон қилганида улар жазавага тушиб бақира бошлашди: «Сен ёлғончисан! Худога қасамки, сен бошимизга келган балосан ва балонинг боласисан! Сен жоҳилимизсан ва жоҳилнинг боласисан!» Кейин улар Ибн Саломни барча хато-гуноҳларда айблай бошлашди.
Бу мисол орқали Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ва мусулмонларнинг кейинги барча авлодларига имонсизлар ва имонга чорланганида қайсарлик кўрсатадиганлар Ислом ҳақиқатини тан олмаслик учун ҳар қандай ёлғон, алдов, макр ва иккиюзламачиликка тайёр эканликларини кўрсатиб қўйди. Бу воқеада мусулмонлар фикр юритишлари зарур бўлган нуқталар бор. Ислом ҳақиқатини тан олишни истамайдиган қайсар ва гумроҳ кимсаларнинг табиати ҳақида Аллоҳ таоло каломи ва Унинг Расули кўрсатмаларининг ҳақлиги ҳар бир тарихий босқичда исботини топаверади.

198. Агар Биз уни баъзи ажамийларга нозил қилганимизда ҳам;
Яъни, Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, агар Биз Қуръонни баъзи ажамийларга (араблардан ташқари халқларга) нозил қилсак ҳам барибир мушриклар имонга келмайдилар. Шунда ҳам улар бирор баҳона топиб, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилишга уринадилар. Агар баъзи кимсалар “Бу Китоб ҳам араб тилида, дин ҳам арабийдир, балки Пайғамбар Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ўзи араб бўлгани учун буни тўқиб олгандир, деган асосссиз гумонларга борадилар. Бордию Қуръонни ажамлар тилида (масалан, турк ёки форс тилида) нозил қилганимизда ҳам барибир улар уни инкор қилиш учун албатта бирор сабаб-баҳона топган бўлардилар.

199. шунда уларга уни ўқиб берса ҳам унга имон келтирмас эдилар.
Аллоҳ таоло айтяптики, “Эй Пайғамбарим, сиз мушрикларнинг Қуръонни тан олмаётганлари, ундаги ваҳийларни инкор қилаётганларини кўриб, хафа бўлманг, ғамга ботманг. Аслида гап айнан сизда ёки сизга Биз нозил қилган Қуръонда эмас. Асосий гап мушрикларнинг феъли бузуқлигида, кибр туфайли қайсарлик қилишида. Уларнинг асли чатоқ, қалби бузуқ, фаросати етишмайди. Уларнинг нияти Қуръонга имон келтириш эмас, балки уни рад этиб, ундан юз ўгиришдир. Агар Биз Қуръонни сиздан ўзгага - араб бўлмаган ажамий бир одамга нозил қилганимизда ҳам улар имонга келмас эдилар».

200. Биз уни жиноятчиларнинг қалбларига ана шундай йўлладик.
Яъни, ким исён ва гуноҳ қилишга берилиб кетиб, ўзининг бор куч ва имкониятларини бузғунчилик ва итоатсизликка сарфлайдиган бўлса, Парвардигор ҳам унинг дилига инкорни, осийликни жойлаб қўяди. Кейин у ҳақиқатни тушуниб турса ҳам, унга қанча мўъжиза ва далиллар кўрсатиб қўйилса ҳам, барибир имонга кела олмайди, ҳидоят йўлига юрмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, «Биз Қуръонни мушрикларнинг қалбига ана шундай тарзда йўллаб қўйганмиз. Улар уни эшитадилар, маъноларини тушунадилар, фасоҳат, балоғат борасидаги нозик нуқталарини фарқлай оладилар, аммо имон келтирмай юраверадилар».

201. Улар то аламли азобни кўрмагунларича унга имон келтирмайдилар.
Имонсиз кишиларнинг бари бир хил бўлади: Қуръонга ишонмайди, Аллоҳнинг Расули огохдантирса, парво қилмайди, ваъз-насиҳатларни қулоққа олмайди, мўъжиза-далиллардан ибратланмайди. Улар бошларига келадиган аламли азобни кўрмагунча имонга келиш ҳақида ўйлашмайди. Аллоҳнинг иқобига ва аламли азобига дуч келгачгина имон келтиришга шошиб қолишади. Аммо унда кеч бўлади, энди уларнинг имони ҳеч кимга керак бўлмай қолади.

202. Шунда уларга у тўсатдан келади, улар сезмай ҳам қолишади.
Оқил одам ўзини ўзи тергаб туради. Ҳавойи нафсини жиловлаб, гуноҳларга қўл урмайди. Аллоҳ таоло кўрсатган чегарада юриб, охират учун амал қилади. Аҳмоқ эса ҳавойи нафсига берилиб, Аллоҳ таолонинг айтганини қилмайди. У Зотга тавба ҳам қилмай, «Мени афв этишини орзу қиламан» деган хаёлда гуноҳ ишларда бардавом бўлиб юраверади. Аллоҳ таоло эса: «Тоатимга бахиллик қилганга қандай қилиб раҳматимни ҳадя қиламан?» дейди. Дунё ҳаётига маст бўлиб, охират ҳақида ўйлашга вақт топа олмаётган нодонлар шунча огоҳлантиришларга ҳам қарамай, ғафлатда, бепарво юраверадилар. Уларга Аллоҳнинг Каломи, У Зотнинг Пайғамбари етказган насиҳатлар кор қилмайди, уламоларнинг сўзларини эшитишмайди, атрофларидаги аломат ва мўъжизаларни кўриб ҳам ибрат олишмайди. Улар ҳатто инсоният тарихини ўрганишмайди, қанчалаб осий қавмларнинг Аллоҳ таоло томонидан қаттиқ жазолангани, бошларига азоб юбориб, Ер юзидан йўқ қилиб юборгани каби ҳодисалардан ҳам сабоқ чиқаришмайди. Аллоҳнинг азоби эса тўсатдан келади. Бир томондан ғофиллик, иккинчи томондан азобнинг тўсатдан келиши сабабли улар ўзларига етган мусибатни сезмай ҳам қолишади.

203. Шунда улар: «Бизлар муҳлат берилганлармизми?!» дейишади.
Гумроҳ инсон дунё ҳаётида Аллоҳни танимай, Унинг амрларига бўйсунмай, гуноҳлар денгизида сузаверади. Гўё у ажали етиб вафот этмайдигандай, қилмишлари учун ҳисоб бермайдигандай. Ўзига берилган муҳлатни яхшилик деб ҳисоблайди, охиратга тайёргарлик кўрмайди. Ҳатто ўлим соатлари яқинлашганда ҳам кўзи очилмайди, “Биз муҳлат берилганлар тоифасиданмизми?” деб ўзини овутади. Уларга азоб келганидан сўнг «Бизга муҳлат берилармикан, имонга келиб, солиҳ амал қилиб олсак», дейишди. Уларга энди қаёқдан муҳлат берилсин?! Унда вақт кеч бўлади. Ҳолбуки, улар бу дунёда юрганларида истеҳзо билан «Ўша азоб қачон келади, келадиган бўлса, тезроқ келмайдими?!» дейишарди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Банда қабрига қўйилиб, соҳиблари ортларига ўгирилиб кетишар экан, уларнинг шиппаклари товушини эшитиб турганида, олдига икки фаришта келиб, уни ўтирғизиб: «Бу одам - Муҳаммад соллаллоху алайҳи васаллам - ҳақида нима дер эдинг?» дейишади. У: «Гувоҳлик бераманки, у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир», дейди. Шунда: «Дўзахдаги ўрнингга қара, Аллоҳ сенга унинг бадалига жаннатдан бир ўрин берди», дейилади. У иккаласини ҳам кўради. Кофир (ёки мунофиқ) эса: «Билмайман, одамлар айтганини айтар эдим», дейди. Шунда: «Билмадинг ҳам, эргашмадинг ҳам», дейилади. Сўнг темир гурзи билан икки қулоғининг орасига бир урилади. У шундай қичқирадики, инсу жиндан бошқа яқин-атрофидаги ҳамма эшитади» (Бухорий ривояти).

204. Улар Бизнинг азобимизни қисташяптими?
Инсонларга не бўлдики, Аллоҳнинг ваҳийларига имон келтириб, У Зот юборган пайғамбарларга эргашиш ўрнига тинмай саркашлик қилишади? Ўз куфрларида қолиш учун элчиларга қарши туҳмат-бўҳтонлар ўйлаб топишади? Имон келтириб, икки дунё саодатини қўлга киритиш ўрнига Пайғамбарни калака қилишга ўтишади, “Қани, ўша айтаётган азобингни тезроқ келтирмайсанми!” деб ўз ҳалокатларини тезлаштиришади? Йўқ! Ҳолбуки улар азобга йўлиқишни, ҳалок бўлишни мутлақо исташмайди. Лекин бир кун келиб, ўша азобга дучор бўлишларига, Аллоҳнинг ҳақ ваъдаси албатта амалга ошишига ишонмаганлари учун ўзларини ана шундай бепарво тутадилар, холос.

205. (Эй Муҳаммад), кўрдингизми, Биз уларни йиллар давомида фойдалантирсак-да;
Эй Пайғамбарим, ўзингиз кўриб турганингиздек, Биз уларни йиллар давомида Ўз неъматларимиз ва атоларимиздан фойдалантириб келдик. Уларнинг тўкин, фаровон яшашлари учун Ер юзидаги ҳамма нарсани уларга бўйсундириб бердик. Қулай шаҳар-қишлоқлар, кенг водийлар, оқар сувлар, бағридан хазиналар қазиб олинадиган тоғларни улар тасарруфига бериб қўйганмиз. Уларнинг яхши яшашлари учун кенг-мўл ризқ ато этиб қўйдик, шинам масканлар, чопқир уловлар бердик, шириндан-шакар ўғил-қиз фарзандлар билан сийладик. Аммо бу инсофсиз кимсалар неъматларимиздан бемалол фойдаланиб юрганлари ҳолда Биз юборган пайғамбарга итоатсизлик қилишди, ваҳийларимизни ёлғонга чиқаришди.

206. сўнгра уларга ваъда қилинган нарса келганида;
Уларга ваъда қилган нарсаларимиз - қиёмат ҳам, ҳамма инсонларнинг қайта тирилиб, ҳузуримизда ҳисоб-китоб учун тўпланишлари ҳам, дунёда куфр ва ширкка ботиб, гуноҳларга ғарқ бўлган кимсаларни дўзахдаги абадий азоб-қийноқлар билан жазолаш, имонли инсонларни эса остларидан анҳорлар оқиб турувчи абадий роҳат-фароғат маскани жаннат билан мукофотлашимиз ҳам - бари ҳақ ваъдадир, булар албатта рўёбга чиқарилади. Ўша ваъда қилинган нарса, яъни қиёмат келганида улар не аҳволга тушишаркин? Қилмишларини оқлаш учун қандай сабаб-баҳоналар ўйлаб топишаркин? Қиёматда куфр ва ширк эгаларини қаттиқ жазолашимиз ҳақ бўлиб турганини кўриб, ўзларини қаерга уришаркин, кимдан нажот излашаркин?

207. уларга фойдаланиб юрган нарсалари асқотмади.
Бир кишига уч йилгина мана шу шаҳарда роҳат-фароғатда яшайсан-у, кейин минг йиллар мобайнида сенга азоб бериб жазолаймиз десангиз, ақли расо одам асло бунга рози бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам охири вой бўлган, қийноққа соладиган вақтинчалик ҳузурнинг кимга ҳам кераги бор? Афсуски, одамлар буни тушуниб етмайдилар. Беш кунлик дунёнинг ўткинчи ҳузур-ҳаловати эвазига у дунёнинг абадий азоб-уқубатини сотиб оладилар. Ҳолбуки, у дунёнинг бир лаҳзалик азоб-уқубати бу дунёдаги бутун ҳузур-ҳаловатни босиб кетади. Шунинг учун инсонга берилган имтиҳон дунёсини ақл билан, фаросат билан яшаб ўтиш, дунё ҳаёти охиратучун захиратайёрлаш мақсадида берилганини ҳис этиш лозим. Дунёда қўлга киритган беҳисоб бойликлар ҳам, ўғил-қизлар ҳам, юксак мавқе-обрўлар ҳам дўзахнинг заррача азобидан қутқара олармикин? Бундай бўлиши у ёқда турсин, осийлар ўша азобни кўрганларидаёқ дунёда кўрган ҳузур-ҳаловатларининг ҳаммаси ёдларидан бир лаҳзада чиқиб кетади. Ушбу ояти карима тафсирида ҳофиз Ибн Касир ушбу саҳиҳ ҳадисни келтирадилар: «Кофир олиб келиниб, жаҳаннам оловига бир киритиб- чиқарилади-да, сўнгра унга: “Ҳеч яхшилик, неъмат кўрганмисан?” дейилади. У эса: “Парвардигорим, Аллоҳга қасамки, кўрмаганман”, дейди. Кейин дунёда кўп қийинчилик тортиб ўтган одам келтирилиб, жаннатга бир тушириб-олинадида, сўнгра унга: “Ҳеч қийин-чилик кўрганмисан?” дейилади. У эса: “Парвардигорим, Аллоҳга қасамки, кўрмаганман”, дейди».

208. Биз огоҳлантирувчилари бўлмай бирор шаҳар-қишлоқни ҳалок қилган эмасмиз.
Яъни, инсоният тарихига назар солсангиз, Аллоҳ таоло олдин огоҳлантирувчилар, яъни пайғамбарларни юбормай туриб, бирон шаҳар-қишлоқни ҳалок қилган эмас. Аслида бандаларнинг исёнкорлиги, итоатсизлиги, имонга келишдан юз ўгириши уларни батамом ҳалок қилиб юбориш учун етарли эди. Аммо уларнинг осийлиги яна ҳам аниқроқ бўлиши учун, бандаларига зулм қилмаслиги учун Аллоҳ таоло исёнкорларга олдин пайғамбар юбориб, уларни огоҳлантиришни топширади. Огоҳлантириш ҳам фойда бермаганидан кейингина улар батамом ҳалок қилинадилар.

209. Бу эслатма бўлиши учундир. Биз золим бўлмадик.
Яъни, Аллоҳ таоло томонидан уларни бундай ҳалокатга учратиш, ўша осийларни ҳалок қилиш бошқаларга эслатма бўлиши учун керақдир. Токи бошқалар ҳам улардан ўрнак - ибрат олиб, уларнинг исёнларини такрорламасинлар. Ана шу ишда адолат қилинган бўлади, чунки амалига яраша жазо бериш зулм эмас.
Кейинги оятларда яна Қуръон мавзусига қайтилади. Мушрик ва кофирларнинг бу илоҳий Китобга нисбатан қилган баъзи туҳматларига раддия берилади:

210. Уни шайтонлар олиб тушгани йўқ.
Мушриклар даъво қилаётганларидек, Қуръонни шайтонлар олиб тушган эмас. Уларнинг бу гаплари бутунлай бўҳтондан иборат. Қуръонни Аллоҳ таоло Ўз ҳузуридан фариштаси Жаброил алайҳис-салом орқали охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган. Жинлардан бир тоифасининг Қуръони нозил қилина бошлаганида Пайғамбаримиздан Қуръон эшитганлари ҳақида машҳур ривоят ҳам бор: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан Укоз бозорига бориш учун йўлга чиқдилар. Ўша пайтда шайтонлар билан осмон хабари ораси тўсилиб, уларга учқун отилаётган эди. Шайтонлар ўз қавмларининг олдига қайтиб келишганда, (қавмлари:) «Сизларга нима бўлди?» дейишди. Улар: «Биз билан осмон хабари ораси тўсилиб, бизларга учқун отилди», дейишди. Улар: «Сизлар билан осмон хабари орасини фақат янги рўй берган ҳодиса тўсиши мумкин. Энди Ернинг машриғию мағрибини кезиб, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган нарса нима эканини қараб кўринглар» дейишди.
Тиҳома томонга йўлга чиққан(жин)лар Набий соллаллоху алайҳи васалламни учратиб қолишди, у зот ўз асҳоблари билан Укоз бозорига кетаётиб, Нахлада улар билан бомдод намозини ўқиётган эдилар. Қуръонни эшитганда унга қулоқтутишди ва: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган мана шудир», дейишди. Ўша ёқдан қавмларига қайтиб бориб: «Эй қавмимиз, биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилади. Бас, биз унга имон келтирдик ва Роббимизга ҳеч кимни шерик қилмаймиз», дейишди. Шунда АллоҳЎз Набийи соллаллоху алайҳи васалламга: «Айт, менга ваҳий қилиндики...» оятини нозил қилди. У зотга жинларнинг айнан ўша сўзлари ваҳий қилинган эди» (Бухорий ривояти).

211. Бу уларга мумкин эмас ва қила олишмайди ҳам.
Қуръони карим ақлларни лол қолдирувчи мўъжиз калом бўлгани учун ҳам уникига ўхшаш бирор оятни келтиришга инсон ҳам, шайтон-жинлар ҳам, ҳатто фаришталар ҳам қодир эмаслар. Шундай бўлгач, табиати ёмонлик асосига қурилган, фақат ёмонлик қилишгагина қодир бўлган шайтонларнинг Қуръонни Аллоҳ таоло ҳузуридан олиб тушишлари мутлақо ақлга сиғмайдиган ишдир. Қуръон эса бошдан-оёқ яхшилик, ҳикмат, илм-маърифат ва илоҳий таълимотлар билан тўла бўлгани учун ҳам унга шайтонлар ҳатто яқинлаша олмайдилар. Демак, «Қуръонни шайтонлар олиб тушган» деган гапнинг ҳеч бир асоси йўқ. Қолаверса, шайтонлар осмон хабарларидан баъзисини эшитиш имкониятидан маҳрум ҳам қилинганлар. Бу ҳақда келгуси оятларда сўз боради.

212. Чунки улар эшитишдан четлатилгандир.
Яъни, жин-шайтонлар осмон хабарларини эшитишдан четлатилган. Улар баъзи хабарларни эшитиш учун осмонга яқинлашсалар, оловли юлдуз отилиб, қувлайдиган қилиб қўйилган. Қандай қилиб улар Қуръондек покиза нарсани Аллоҳдек улуғ Зотнинг ҳузуридан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдек зотнинг қалбларига олиб тушишлари мумкин?! Бу ҳеч бир соғлом ақлга тўғри келмайдиган ишдир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Бизлар (яъни жинлар) яна (Қуръонни эшитганимиздан сўнг) билдик-ки, Ерда Аллоҳни ожиз крлдира олмаймиз ва Ундан (жазосидан) крчиб кутула олмаймиз” (Жин, 12)

213. (Эй Муҳаммад), Аллоҳга қўшиб бошқа илоҳга илтижо қилманг. Йўқса, азобланганлардан бўлиб қоласиз.
Аллоҳ азза ва жалла Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, Аллоҳдан ўзга бирор илоҳга илтижо қилмасликни буюрмоқда. Аслида Пайғамбар соллаллоху алайҳи васалламнинг Аллоҳга ширк келтиришлари мутлақо мумкин эмас. Аммо бу оятда ширкнинг нақадар улкан гуноҳ эканини англатиш учун фаразан шундай марҳамат қилинган. Оятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот агар ширк келтирса, азобдан қутула олмаслиги айтиб турилганидан кейин бошқа мушрикларнинг қиёматдаги ҳолати нима бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Дарҳаҳиҳат, сизга ва сиздан олдингиларга шундай ваҳий ҳилинган эди: “Қасамёд ҳиламанки, агар мушрик бўлсанг, ҳилган амалларинг албатта беҳуда кетади ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб ҳоласан” (Зумар, 65).

214. Ва яқин қариндошларингизни огоҳлантиринг.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ўзларига эргашган мўминларни қиёматнинг азобларидан огоҳлантиришни буюрмоқда. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига чиқиб: «Эй сабоҳоҳ!” деб нидо қилдилар. Одамлар у зотнинг ҳузурларига тўпланишди. Кимдир ўзи келди, кимдир одамини юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй Бани Абдулмуттолиб! Эй Бани Фиҳр! Эй Бани Луъай! Айтинглар-чи, агар сизларга «Тоғнинг ортида отлиқлар сизларни талон-тарож қилишга шай бўлиб туришибди» десам, ишонасизларми?!” дедилар. Улар: “Ҳа, ишонамиз!” дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларга шиддатли азобдан олдин келган огоҳлантирувчиман”, дедилар. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил бўлган оятга мувофиқ, яқин қариндошларини огоҳлантира бошладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат бу билан кифояланиб қолмай, ўзларига энг яқин кишиларни ҳам огоҳлантиришга киришдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Ва яқин қариндошларингизни огоҳлантиринг» ояти нозил қилинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларни чақирдилар. Улар тўпланишди. У зот ҳам умумий, ҳам хусусий даъват қилдилар. Сўнгра: «Эй Бани Каъб ибн Луай, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Бани Мурра ибн Каъб, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Бани Абдуш-Шамс, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Бани Абду Маноф, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Бани Ҳошим, ўзингизни дўзах ўтидан кутқаринг! Эй Бани Абдул-муттолиб, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Фотима, ўзингни дўзахўтидан кутқар! Сизлардан Аллоҳнинг бирор нарсасини қайтариш менинг қўлимда эмас. Фақат орамизда силаи раҳм бор, мен уни тиклаб тураман», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

215. Ва сизга эргашган мўминларга қанотингизни пастлатинг.
Яна Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ўзларига эргашган мўминларга нисбатан “қанотларини пастлатиш”ни, яъни ўта ҳоксорлик ва меҳрибонлик билан юмшоқ муомалада бўлишни ҳам амр этмоқда. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун ҳаётлари давомида мўминларга ана шундай гўзал муомалада бўлганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У зотнинг устларида ҳошияси йўғон нажроний бурда бор эди. Бир аъробий у зотнинг йўлларини тўсиб, ридоларидан ушлаб қаттиқ силтади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйинларининг орт томонида кийимнинг изи чиқиб қолди. Сўнгра у: «Эй Муҳаммад! Менга ҳам ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан берилишига амр қил!» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бурилиб, унга қараб кулдилар ва унга ато беришга амр қилдилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

216. Агар улар сизга итоатсизлик қилишса, «Мен сизлар қилаётган ишлардан покдирман» деб айтинг.
Яъни, эй Пайғамбар, атрофингиздаги одамларни Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатда бўлиш, гуноҳлардан тийилиш, куфр ва ширк аҳлига қиёматда қаттиқ ва аламли азоб бўлиши ҳақида огоҳлантиринг. Огоҳлантиришингиздан кейин одамлар иккига бўлиниб қолишади: бир тоифа сизга итоат қилиб, сизга эргашади, сиз уларга меҳрибонлик кўрсатинг. Бошқа бир тоифа эса сиздан юз ўгириб, осийлик қилади. Бундай жоҳил кимсаларнинг исёнига қарши улардан четланинг. “Менинг сизлар қилаётган ишларга алоқам йўқ” денг. Ҳақиқатан Аллоҳ таолонинг йўлидан чекинган, Пайғамбар алайҳиссаломга итоатсизлик кўрсатиб, у зотга қарши исён қилган кимсаларга Аллоҳ Расулининг қандай алоқадорлиги бўлиши мумкин?

217. Иззатли ва раҳмли Зотга таваккул қилинг!
Оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таолонинг сифатлари кўп: шулардан баъзилари Азиз (иззат ва қудрат соҳиби) ва Роҳийм (ўта раҳмли)дир. Эй Пайғамбар, сиз ҳар бир ишда ана шу иззатли ва раҳмли Аллоҳ таолонинг Ўзига суянинг, Унгагина таваккул қилинг. “Таваккул” сўзи лугатда «вакил қилиш, суяниш» маъноларида келади. Истилоҳда бирор ишни қилишда Аллоҳ таолога суяниш, Уни вакил қилиш, барча ишларини батамом Унга ҳавола этиш «таваккул» (таваккал) дейилади. Уламолар таърифича, таваккул дунё ва охират ишларидан фойдани жалб қилиш ва зарарни даф этишда қалбнинг Аллоҳ таолога сидқидилдан эътимод қилишидир. Аллоҳга таваккул қилмаслик катта камчилик ҳисобланади. Ким таваккулга тил теккизса, батаҳқиқ имонга тил теккизган бўлади. Таваккул тасаввуфдаги юксак мақомлардан бири ҳамдир. Таваккул соҳиблари «мутаваккил» ёки «аҳли таваккул» дейилади. Таваккул ҳақида Қуръони каримда бир неча оятлар ҳамда Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ҳадиси шарифлар бор.

218. У сизни қоим бўлаётганингизда ҳам кўради;
Аллоҳ таоло шундайин қудратли ва ҳаким Зотки, у ҳар бир бандасининг намозда Ўзига қоим бўлганини, суянганини, таваккул қилганини кўриб-билиб туради. Худди шунингдек, Ўз Пайғамбарининг Аллоҳ тоат-ибодатида қоим турганини ҳам кўради. Намозида доимий равишда Аллоҳ таолонинг азаматини ҳис этиб, У Зотнинг ҳайбатини сезиб турган, Унга таваккул қилган одамнинг қалби ҳозир, ўзи қоим бўлади.

219. сажда қилувчилар ичида юрганингизни ҳам кўриб туради.
Яъни, Аллоҳ таоло «Ёлғизлигингизни ҳам, намозда қоим бўлганингизни, шунингдек, мўминлар ичида турли ишларга бош-қош бўлиб юрганингни ҳам кўриб турибди. Сиз ана шундай билувчи Зотга - Аллоҳ таолога таваккул қилинг». Ҳақ субҳанаҳу ва таолога имон келтирган мусулмон кишига «Аллоҳни кўриб турган каби Унга ибодат қилиш, мен Аллоҳни кўрмасам ҳам У мени кўриб туради» дейдиган мақомга етишиш лозимдир.

220. Унинг Ўзи эшитувчидир, билувчидир.
Бу ояти каримада «Эй Пайғамбарим, кўнглингиз тўқ бўлсин, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани эшитиб, ҳар бир нарсани кўриб турибди» деган маъно бор. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳга ичган крсамларингизни яхшилик, таҳво ва одамлар орасини ислоҳ ҳилишга сабаб ҳилманглар. Аллоҳ ҳаҳиҳатан эшитувчи ва билувчидир” (Бақара, 224); “Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўк» фаҳат Унинг Ўзи бордир! У тирик ва абадий турувчидир. Уни мудрок, ҳам, уйкуҳам олмайди. Самовоту Ердаги бор нарсалар Уникидир. Хузурида ҳеч ким Унинг изнисиз кўллай олмайди. У уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. Ва улар Унинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг Курсиси осмонлар ва Ерни ўзида сиғдира олур. Иккисини ҳимоятида саҳлаб туриш Унга оғир келмайди. Уэнг юксак ва буюкдир!” (Бақара, 255).

221. (Эй Муҳаммад, айтинг): “Сизларга шайтонларнинг кимларга тушишини айтиб берайми?;
Макка мушрикларининг “йўлбошчилари” бўлмиш коҳинлар Аллоҳ таолонинг элчиси Муҳаммад алайҳиссаломга туҳмат қилиб, «Пайғамбарга Қуръон оятларини шайтонлар олиб тушади» деган бўҳтонни тарқатишди. Ваҳоланки, уларнинг бу ҳақда ҳеч қандай маълумотлари йўқ, уларнинг гапи ғирт бўҳтонлиги учун мўминлар уларга ишонишмасин. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўрашди. Шунда у зот: «Улар ҳеч нарсага арзимайди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, аҳёнда улар бир нарсани айтса ҳақ бўлиб чиқади-ку?» дейишди. У зот: «У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб, жинлардан бири уни илиб олади, ўз «оғайниси» қулоғига товуқнинг қақиллашига ўхшатиб илқо қилади. Улар эса унга юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб юборадилар», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

222. улар барча бўҳтончи ва гуноҳга ботганларга тушади;
Шайтонлар уялмай ёлғон гапирадиган, гуноҳлардан тап тортмайдиган шахсларга тушади. Ундай кишилар воқеъликда мавжуд эди. Араб мушриклари орасида бут-санамларининг мутасаддилари бўлмиш коҳинлар кўп эди. Улар фолбинлик билан шуғулланишар, шунингдек, ўзларига жинларнинг хабар келтиришини даъво қилишар эди. Жинлар келтирган бир ёлғон уйдирмага ўнни қўшиб, одамларга етказишарди. Шунинг учун улар оятда «бўҳтончи, гуноҳга ботган» деб сифатланмоқда. Айни чоғда, ўша коҳинлар ўз манфаатлари йўлида ҳеч қандай гуноҳдан ҳам қайтишмас эди. Шунинг учун ҳам улар оятда «гуноҳга ботганлар» деб зикр қилинмоқда. “Коҳин” сўзи луғатда «ғойибдан хабар берувчи, башорат-гўй» маъноларини билдиради. Жоҳилият вақтида жинлар билан мулоқот қилиб, ғайбни билиш даъвосида келажак ишлардан хабар берган кимсалар «коҳин» деб аталган. Саводсиз, жоҳил кишилар бирон иш қилишда унинг оқибатини билиш учун коҳинга мурожаат қилишган. Коҳинлик ширк амаллардан бўлгани учун Ислом шариати уни ҳаром ҳисоблайди. Коҳинлик билан шуғулланиб, келажак ҳақида ёлғон гапирганлар ва уларга ишонганлар улкан гуноҳ (гуноҳи кабира) қилган бўлади.

223. эшитганларини уларга ташлашади, уларнинг кўплари ёлғончилардир».
Яъни, ўша уйдирмачи ва гуноҳкорлар шайтонларга қулоқ соладилар. Уларнинг кўпи ёлғончидир. Кофирлар қиёмат куни инсу жин шайтонларга: «Сизлар ҳақиқат тарафдори бўлиб сўз қотгандингиз, ўзингизни шундай кўрсатгандингиз. Биз шунга илиниб, адашиб кетдик», дейишар экан. Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади», деганларини эшитдим” (Табароний ривояти).

224. Ва шоирларга гумроҳлар эргашади.
Исломгача арабларда фасоҳат ва балоғат билан сўзлаш кучли бўлган, шеър ва шуаро қадрланган, шоирлар ўртасида мақтов ва ҳажв бобида мусобақалар ўтказилган. Ислом ёйила бошлаганидан кейин бир қанча шоирлар имонга келиб, Исломга чорлаш, дин душманларини ҳажв қилишда бор маҳоратларини ишга солишди. Бир қисми эса Аллоҳнинг ваҳийларига,уларни олиб келган охирзамон Пайғамбарига душманлик кайфиятида шеърлар битиб, Аллоҳнинг динини масхара қилишгача борди. Шу боис жамиятда шоирларга муносабатда икки хил қараш пайдо бўлди. Шеърнинг ибоҳат ва кароҳати ҳақидаги шубҳаларга имом Шофеъийдан нақл қилинган ушбу ривоят тушунтириш бўла олади: “Шеър сўз оламидан бир навдир. Яхшиси - яхши, ёмони - ёмон”. “Ва шоирларга гумроҳлар эргашади” мазмунидаги ояти карима Пайғамбар алайҳиссаломни шоир, Қуръони каримни шеър деган иддаоларнинг радди учун келган бўлиб, шоирларнинг эргашувчилари бир тўда адашган ишқибозлардир. Пайғамбарнинг саҳобалари эса ўзлари ҳидоятда ва бошқаларни ҳидоятга чорловчи зотлардир.

225. Уларнинг ҳар водийда дайдишларини...
Аммо кўп шеърлардаги мазмун жиҳатидан ҳақиқати бўлмаган хаёлотга ва муболағага муккасидан кетганлар, ёлғон ваъда ва ўринсиз ифтихор, лойиқ бўлмаганни мақташ, унинг насаби ва зотини мадҳ водийларида куйлаганлар маломат ва мазамматга лойиқдирлар. Уларнинг сўз водийларида дайдиб, ўзларига ёқиб қолган энг тубан кимсани ёки нарсаларни кўкларга кўтариб мақташганини, ёқтирмаганларини эса ҳажв тиғи билан булғаб, тупроққа қориштириб ташлаганини кўрмадингизми? Шахсиятлари субутсиз, диллари имонсиз, ҳаётлари ва ахлоқлари ёзганларига тамоман тескари бўлган шоирлар ўзлари уддалай олмаган ишларга бошқаларни чақирганлари учун ҳам ёлғончидирлар.

226. ...ва қилмайдлган ишларини айтишларини ҳам кўрмадингизми?
Бу оятлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни “шоир”, Қуръони каримни “шеър” деганларга жавобдир. Инсоният тарихига назар солинса, ҳеч бир шоир пайғамбар сифатида кишиларни ҳидоятга бошламаган. Шоирларга аслида ҳеч ким эргашмайди. Эргашса ҳам, гумроҳ, йўлдан озганларгина эргашади. Ундан кейин баъзи шоирларнинг собит шахсиятлари, ўз ҳаёт тарзлари ва шеър айтиш ишларида ҳеч субутлари йўқ. Шунинг учун ҳам улар турли водийларда дайдиб юришади, бугун мақтаган одамларини эртага танқид қилишдан ҳам уялишмайди, бугун эътиқод қўйиб юрган нарсаларига эртага нафрат билан қарашади. Бунинг устига кўпчилик шоирлар ўзлари қилмайдиган ишларни айтиш билан ажралиб туришади. Улар ўз шеърларида гўзал маъноларни, ҳикматли сўз ва насиҳатларни айтишлари мумкин, аммо ўзлари унга мутлақо амал қилишмайди. Бундай одам қандай қилиб ўзгаларни ҳидоятга, яхши йўлга бошлаши мумкин?

227. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлумликдан кейин зафар қозонганлар мустасно. Зулм қилганлар эса қайси қайтиш жойига қайтишларини тезда билишади.
Юқорида келган ояти карималар шеър ва шуарони қоралаш мазмунига далолат қилса-да, мутлоқ мазмунни ўз ичига олмайди. Унинг “Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлумликдан кейин зафар қозонганлар мустасно” деган истисноси бор. Шундан кўриниб турибдики, ҳамма шоирлар ҳам гумроҳларни эргаштирувчилардан, беамал гапирадиганлардан бўлавермас экан. Агар шоир имонли бўлса, яхши ишларни қилиб, Аллоҳни кўп эсга олса, Унинг зикрида бардавом бўлса, ўзини хор қилмай, ҳаққини таниган, золимлар устидан ғолиб келадиган бўлса, яхши саналиб, Аллоҳнинг розилигини топган шоир бўлиши мумкин. Айни пайтда Яратувчининг Биру Борлиги, ҳикмат, мавъиза, чиройли одоб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари мадҳи бобида шеър назм этганлар, шунингдек, ноҳақ ҳижвга учраб, ўзларининг ҳимоялари ва мудофаалари учун шеър ёзганлар мақтов-таҳсинга сазовордирлар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг шоир саҳобалардан Каъб ибн Моликка “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, ҳажв қилишинг уларга ҳаммасидан оғирроқдир” деганлари, ‘Тапиравер, Руҳул-қудус сен билан” деб айтганлари, Ҳассон ибн Собит учун Масжиди Набавияда бир минбар қўйилиб, у киши минбарда мусулмонларнинг мудофаасида бўлганлари тафсир ва ҳадис китобларида, “Иҳёу улу-миддин”да зикр қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларни зикр ва тиловатдан чалғитувчи шеърларни ўқишдан қайтарганлари ҳолда динга фойда келтирувчи назмий байтларни келтиришни ёмон кўрмаганлар. Ривоятларда Расулуллоҳ алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари гоҳо назмий асар ва байтларни келтирганлари зикр этилади. Масалан, Расули акрамнинг ўзлари шоир Лабиднинг шеъри ҳақида шундай деганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Шоир айтган энгтўғри сўз Лабиднинг «Огоҳ бўлинг! Аллоҳ-дан ўзга ҳар нарса ботилдир» деган гапидир» (Бухорий ривояти).
Шоир ижодининг мағзида пок имон, комил эътиқод турмас экан, шеърини ихлос, эътиқод, самимият нурлари безамас экан, унинг ёзганлари эзгуликка хизмат қилмайди. Шеър фақат фисқу фужур, қандайдир казо-казоларнинг мақтови, базму жамшидларнинг васфи, бетайин маъшуқанинг мадҳи, унинг ишқидаги оҳ-воҳ ва дийдиёлардан иборат бўлмаслиги, аксинча, эзгулик, имон, Ислом хизматчиси бўлиши зарур. Набий соллаллоху алайҳи васаллам: «Албатта шеърдан ҳикматлиси бордир», деганлар. Ўша саодат даврида юқоридаги оятда васфлари келган имонли шоирларнинг биринчи авлоди яшаб ўтган. Улуғ саҳобий Ҳассон ибн Собит уларнинг етакчиси эдилар. У киши билан бирга, Каъб ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Абдуллоҳ ибн Забъарий ва бошқалар бор эди (Аллоҳ таоло уларнинг барчасидан рози бўлсин).
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдурраҳмон ибн Каъбдан, у киши ўз оталаридан қуйидаги ривоятни келтиради: “У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида ҳукмини нозил этиб қўймадими?!” деганида, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мўмин киши қиличи ва тили билан жиҳод қилади. Менинг жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизнинг уларга отадиган (сўз) ўқингиз камон ўқидан ҳам ўткирроқдир”, деган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳам, Абу Бакр Сиддиқ ва ҳазрати Билол розияллоҳу анҳумода ҳам бутун арабларга хос бўлган шеърий иқтидор бор эди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий ҳаётий воқеаларга шеърий лутф қилиш баробарида мажозий тафаккурга ҳам салоҳиятли эдилар. Демак, ўрни келганда, мўмин-мусулмон шоирнинг шеъри ҳар қандай қуролнинг ўқидан ўткирроқ бўлиши мумкин. Асрлар давомида турли мусулмон халқлардан етук имонли шоирларнинг, хусусан миллатимиз фахри бўлган Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Бобораҳим Машраб, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоҳёр каби мусулмон шоирларнинг етишиб чиққани қувончлидир.

Орқага Олдинга