Маккада нозил бўлган, 93 оятдан иборат
«Намл” луғатда «чумоли» деган маънони билдиради, Қуръони каримнинг ушбу йигирма еттинчи сураси Маккада нозил бўлган, 93 оятли. Сурада пайғамбарлардан Мусо, Солиҳ, Лут алайҳимуссалом қиссалари, Довуд ва Сулаймон алайҳимассалом ҳақида, хусусан Сулаймон алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолонинг пайғамбари бўлиш билан бирга жамики инсу жин, паррандаю дарранда оламига подшоҳлик қилгани, у зот билан Сабаъ маликаси Билқис ўртасидаги воқеалар тасвирланади. Унда, шунингдек, қиёмат қойим бўлиши олдидан ер юзига чиқадиган жонивор ҳақидаги хабар, мўмин ва кофирларнинг қиёмат кунидаги аҳволи ҳақидаги оятлар ўрин олган. Сурада Аллоҳ таолонинг энг заиф ва заҳматкаш махлуқларидан чумоли зикр қилингани учун у «Намл» сураси деб номланган.
Уламоларимизнинг таъкидлашларича, Намл сураси бевосита Шуаро сурасидан кейин нозил бўлган. Бошқа маккий суралар каби, Намл сурасининг ҳам асосий мавзуси ақида масаласидир. Сурада Аллоҳга ва охиратга имон келтириш, фақат ЯратганнингЎзигагина ибодат қилиш, у дунёда мукофот ёки жазога йўлиқишини назарда тутиб амал қилиш, ваҳийга ишониш, ғайбни фақат Аллоҳ таологи-на билишига таслим бўлиш, Аллоҳнинг яратувчи, ризқ берувчи эканига имон келтириб, Унга шукр қилиш каби масалалар ёритилади. Сўнгра Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига далил ва ҳужжатлар, яратган махлуқотларидаги ажойиб хислатлар саналади. Қиёмат куни ва ундаги баъзи даҳшатли, қўрқинчли манзаралар баён этилади. Суранинг охирида Аллоҳга ибодат қилишга, мусулмон бўлишга, Қуръон ҳидоятида юришга, Аллоҳнинг кўрсатган оят-белгиларидан ибрат олишга чақирилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. То сиин. Ушбулар Куръоннинг ва очиқ-ойдин Китобнинг оятларидир;
Суранинг аввалидаги кесик ҳарфлар, ҳуруфи муқаттаъот ҳақида олдинги сураларда батафсил сўзланган ва уларнинг асл маъносини Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот билмайди. Ушбу ҳарфлар ҳам бошқалари каби Аллоҳнинг мўъжиз Каломи - Қуръони каримнинг оятларидир. Аллоҳтаоло томонидан Унинг пайғамбарлари орқали барча инсонларга етказилиши зарур бўлган Аллоҳга имон келтирган инсонларга жаннат башорати, Унга куфр ва ширк келтирганларга эса дўзах азоби бўлиши ҳақидаги огоҳлантиришлар ушбу Китобда очиқ-ойдин баён этиб қўйилган.
2. мўминларга ҳидоят ва хушхабардирки;
Аллоҳ таоло бандаларига нозил қилган Қуръони карим оятлари Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига, китобларига, фаришталарига, охиратга ва ўлгандан кейин қайта тирилишга имон келтирган бандаларга тўғри йўлга бошловчи ҳидоят маёғи бўлиб хизмат қилади, имонлари ва солиҳ амаллари учун дунё ва охиратдаги улкан мукофотлари ҳақида хушхабар беради. Мўминлар ушбу Китобнинг оятларни ўқиб, ҳидоятга эришишади, имонли кишиларга бериладиган олий мақом ва мукофотларнинг хушхабарини топадилар.
Демак, Қуръондан ҳақиқий манфаат олиш, ундаги ҳидоятдан баҳраманд бўлиш учун мўмин киши ҳамиша Қуръон билан дўст тутиниши, уни мунтазам қироат қилиши, ўқиб-ўрганиши, ундаги амр-насиҳатларни ўз ҳаётига татбиқ этиши лозим. Бу очиқ-ойдин Китоб кўзи ва қалби очиқларнинг Китобидир. Қалби ғафлат, куфр, ширк ва нифоқ моғори остида қолганлар бу Китобни ўқиб, ибратланмайдилар, фойда топишлари ҳам қийин. Қуръонни ўқиганда, унинг маъноларини тушуниб, ўзида ҳидоят сезгисини ҳис қилаётганлар хурсанд бўлаверсинлар, демак, қалбларида имон борлиги учун уларга Қуръон таъсир қилмоқда экан. Аммо Қуръон ўқиганда унинг маъноларидан таъсирланмаганлар ўз ҳолатларидан хавотирга тушишсин, ким эканликларини билиб олишсин.
3. улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга аниқ ишонадиганлардир.
Ояти каримада зикр этилганидай, мўминлар “намозни тўкис адо қиладиган, закотни берадиган ва охиратга аниқ ишонадиган” кишилардир. Зеро, чин мўминлар намозларини ўз вақтида, барча арконларини ўрнига қўйиб адо этишади, закотларини Аллоҳ буюрган эгаларига беришади. Намозни барча арконларига риоя қилган ҳолда мукаммал адо этиш ва закот-садақаларни Аллоҳ буюрган тоифадаги ҳақдорларига бериш Ислом дини буюрган фарз амаллардандир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларда намознинг ниҳоятда муҳимлиги ва фазилати ҳақида жуда кўп зикр қилинган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз намозлар орасидаги ҳамда жума намози жумадан жумагача ўрталарида бўлган гуноҳларга каффоратдир - агар улкан (кабира) гуноҳлардан сақланилган бўлса», деганлар (Муслим ривояти). Абу Айюб Ансорий розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий алайҳис-саломнинг йўлларини тўсиб чиқиб: «Жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», деди. У зот: «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан, намозни адо қиласан, закотни берасан, силаи раҳм қиласан», дедилар» (Бухорий ривояти). Намозни тўкис ўқиш, закотни эгаларига бериш ва бошқа фарзларни бажариш орқали банда ўзига яхшилик қилади, яъни, Аллоҳ таоло ҳузурида ҳисоби осонлашади, Парвардигорнинг охиратда тайёрлаб қўйган улуғ мукофотларига эришади.
4. Биз охиратга имон келтирмайдиганларга амалларини чиройли қилиб кўрсатдик. Энди улар адашиб-гангиб юраверадилар.
Ўзининг имонли бандаларини ҳидоятга бошлаб, жаннат йўлини кўрсатиб қўйган Аллоҳ азза ва жалла имон келтирмайдиган кимсаларнинг қилиб юрган гуноҳ ишларини ўзларига чиройли кўрсатиб қўйгандир. Шунинг учун улар ўзларига ато қилинган неъматларни қай бир зот берганини ўйлаб ҳам кўришмайди, дунё ҳаётининг бор лаззатларидан фойдаланиб қолишга уринишади. Бу йўлда улар ҳеч бир гуноҳ ишдан қайтишмайди, бузуқлик қилгани уялишмайди, ўзгалар ҳақига тажовуз ҳам қилишади, зулм ва фитна уруғларини сепишади. Улар инсонни бу дунёнинг зеб-зийнатлари ва лаззатларига берилишдан сақлаб турадиган нарса охиратга бўлган имон эканини англаб етишмагани учун дунё ҳаётида нафслари ва шайтоннинг буюрганига бўйсуниб яшаб ўтишади. Охиратга имони йўқ кимса беш кунлик фоний дунёни ўзи учун берилган бирдан-бир имконият деб билади. У шу имкониятдан фойдаланиб қолиш мақсадида ўзини ҳойи-ҳавасга, ўткинчи лаззатларга уради. Нафсининг домига тушади. Нафси эса ҳамиша уни янада чуқурроқ чоҳга бошлайди, янги-янги лаззатлар сари чорлайверади. Шунинг учун қилаётган ишлари ўзига чиройли кўринади ва ўзи билмаган ҳолда адашиб-улоқиб юраверади. Ваҳоланки, охиратга, ундаги ҳисоб-китобга, бу дунёда имон билан ҳалол-пок яшаб, ибодат қилиб ўтганларга жаннат насиб этишига, куфрда, ҳаром-харишда юриб, гуноҳ устида ўтганларга жаҳаннам азоби бўлишига қаттиқ ишонган одам ҳеч қачон бу дунёнинг ҳою-ҳашамига, зийнатларига, фитналарига алданмайди, балки охиратдаги абадий ҳаёт неъматларидан умидвор бўлиб, бевафо дунёнинг ўткинчи лаззатларидан воз кечади.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ўлим ола қўчқор шаклида олиб келинади. Бир жарчи: «Эй жаннат аҳли!» деб жар солади. Улар бошларини кўтариб қарашади. «Буни танийсизларми?» дейди. «Ҳа, бу ўлим», дейишади. Барчалари уни кўрган бўлади. Кейин у: «Эй дўзах аҳли!» деб жар солади. Улар бошларини кўтариб қарашади. «Буни танийсизларми?» дейди. «Ҳа, бу ўлим», дейишади. Барчалари уни кўрган бўлади. У сўйиб ташланади. Сўнгра: «Эй жаннат аҳли! Мангулик! Энди ўлим йўқ! Эй дўзах аҳли! Мангулик! Энди ўлим йўқ!» дейди». Сўнг «Уларни барча иш битирилган ҳасрат кунидан огоҳлантиринг. Улар ғафлатдадирлар. - Бу ғафлатдагилар дунё аҳлидир - Улар имон келтиришмайди»(Марям, 39)ни ўқидилар» (Бухорий ривояти).
5. Ана ўшаларга энг ёмон азоб бордир ва улар охиратда энг кўп зиён кўрувчилардир.
Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва охиратга имон келтирмайдиган кимсаларни шайтон ва нафс осонгина йўлдан уради. Уларни дунё лаззатларига ғарқ қилиш, фаҳш ва бузуқлик гирдобига чўктириш, шуҳрат ва манфаатлар ноғорасига ўйнатиш учун барча воситаларни ишга солади. Ҳақ йўлдан адашган бахтсиз инсон энди атрофидаги турфа одамларнинг турмуш тарзидан «ибрат» олади, уларга эргашади, яшашга мослашади. Бир ёқда шайтон васвасаси авжга чиқяпти: ҳақ йўлдан оздирувчи гуноҳ ишлар, қабиҳлик ва ифлосликлар кўзига жозибали кўрсатиб қўйилган. Атрофидаги ярим яланғоч, шарм-ҳаёсиз беҳаёлар кўзини ўйнатади, хаёлини олиб қочади. Яна бир ёнда ичкилик ичиб, тамаки ёки наша чекиб «мазза» қилаётганлар ўз сафига чорлайди. Ана шу қабиҳ ва гуноҳ ишлар унга ғоят чиройли кўринади. Қандай қилиб ана шу разолатлар домига кириб кетганини ҳам билолмай қолади. Жилвакор дунёнинг гуноҳу исёнлари уни гирдобига ғарқ қилган. Шайтони лаъин икки бурнидан сим ўтказиб жиловлаб олган. Илм олиш, ибодат қилиш ва шу йўл билан Аллоҳ розилигини топиш учун яратилган инсон имтиҳон дунёсини нафсини хурсанд қилиш, ҳайвоний истакларию шаҳвоний майлларини қондириш, ҳавойи орзуларига эришиш йўлида қурбон қилиб бўлган. Бу йўлда ҳеч қандай жиноятдан, ёвузликдан қайтмайди. Инсофу диёнат, ҳалоллик-поклик каби тушунчалардан узоқлашган. Энди у ҳаётининг мазмунини лаззатларга кўпроқ ғарқ бўлишда, ҳаммадан кўпроқ ейиш-кийишда, ҳаммадан тўкинроқ ва фаровонроқ яшашда деб тушунади. Охиратга ишонмай, бу дунёнинг лаззатлари изидан қувиб яшаган ана шундай кимсаларга икки дунёда ҳам ёмон азоб бордир. Бу дунёда охиратдан умиди йўқлиги учун мол-дунё, айш-ишрат, шаҳват-лаззат кетидан тушиб, ўзини ўтга-чўққа уради, умрини совуради, соғлиғидан ажрайди ва оқибатда расво бўлади. Ҳаромдан топган мол-дунёси учун ўлдирилиши, қамалиши ва бошқа балоларга учраши мумкин. Шунингдек, ҳар қадамида тинчлик-хотиржамликни йўқотиш, оқибатда турли касалликларга чалиниш каби турли мусибатлар учраб туради. Охиратда эса қандай азобларга дучор бўлишини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо шуниси аниқки, улар охиратда энг кўп зиён кўрувчилардан бўлади.
6. (Эй Муҳаммад), сизга Куръон ҳаким ва билувчи Зот томонидан берилди.
Аллоҳнинг мўъжиз-лол қолдирувчи Каломи Қуръони карим мўъжизаси олдида не-не олиму алломалар, фозилу донишмандлар лол қолишмаган, унинг илоҳийлиги, муқаддаслигига тан беришган. Унинг сураларидаги ҳикматлар, ҳайратга солувчи оятлар барча замонлар, жамиятлар учун бирдай ҳақиқат йўлини кўрсатиши, Ер юзидаги ҳаётнинг беадад сир-асрорлари ва турмуш тарзи синоатларини равшан баён этиши, инсонни охират кунининг муқаррарлигидан ва ҳар қандай гуноҳ жазосиз қолмаслигидан огоҳ қилиши билан илоҳий каломдир. Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга «Руҳул-амин», «Руҳул-қудс» номларига мушарраф бўлган фаришта Жаброил алайҳисса-лом воситаси ила нозил қилинган.
Аллоҳтаоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, сизга ушбу Қуръонни йўллаётган Зот ҳаким, яъни барча нарсаларнинг сир-асрорларини яхши билувчидир. У ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади, Унинг ҳикматсиз ҳеч бир иши йўқдир. Жумладан, сизга Қуръонни бериши ҳам улкан ҳикматдир, бунинг устига Қуръоннинг ўзи ҳам ҳикматга тўладир. У илмли бўлгани учун ҳар бир ишни илм билан қилади. Ў Зотнинг илмга асосланмаган иши йўқ, жумладан, сизга Қуръонни нозил қилиши ҳам Унинг илми билан боғлиқдир. Бунинг устига, Қуръоннинг ўзи ҳам турли илмларга тўладир. Ўша ишончли масдардан - ҳикмат ва илм соҳиби бўлган Аллоҳдан бандаларга ибрат бўлиши учун қуйидаги қиссалар ҳам Қуръон оятлари ўлароқ нозил этилди:
7. Эсланг, Мусо аҳли-оиласига: «Аниқки, мен бир олов кўрдим. Тезда сизларга ундан бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ олиб келаман», деди.
Оятнинг аввалида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб шундай деяпти: “Эй суюкли Пайғамбарим, Мусонинг Мадяндан Миср томонга кетаётиб, “Мен бир оловни кўриб қолдим, сизлар жойларингизда қимирламай туринглар, мен у ердан бирор хурсандчилик хабарини ёки совуқдан исиниб олишга бирор тутам чўғ олиб келарман” деганини эсланг ва ибрат олишлари учун сизга эргашган кишиларга зикр қилиб беринг”. Ушбу ояти каримада васф этилган ҳолат Тур тоғига яқин жойда, Мусо алайҳиссалом оиласи билан Мадяндан Мисрга қайтиб келаётганида рўй берган. Оятдаги хабардан билиниб турибдики, улар совуқ тунда саҳрода адашиб қолишган. Узоқдан Мусо алайҳиссаломга ўша жойлар аҳолиси йўловчиларга йўл кўрсатиш ёки егулик борлигининг белгиси сифатида ёқиб қўядиган гулханлардан бири кўринган, у киши бошлиқ сифатида оиласининг ғамини чекиб, ўша жойга боришни режа қилган. Уларни дам олдириб қўйиб, ўзлари олов кўринган жойга боришини, бирор хабар ёки совуқда олов ёқиб, исиниш учун ўша гулхандан бир оз чўғ келтиришни айтмоқда. Мусо алайҳиссалом шу мақсадда зулматли кечада ўша олов кўринган томонга қараб юрди.
8. Унга келганида: «Олов олдидагига ва атрофидагиларга баракот бўлсин, оламларнинг Парвардигори - Аллоҳ покдир!» деб нидо қилинди.
Энди Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг олов олдига келганида қандай воқеаларнинг гувоҳи бўлгани хабарини беради: у олов яқинига келганида ғойибдан “Олов олдида турган одамга ва унинг атрофидаги зотларга хайру баракот бўлсин, оламларнинг Парвардигори - Аллоҳ покдир” деган нидо эшитилди. Оятдаги “олов олдидагига” дейилишидан мурод, Мусо алайҳиссаломдир, “унинг атрофидагиларга” дейилганда фаришталар кўзда тутилади. Демак, ўша олов одамлар ёқиб қўйган оддий гулхан эмас, Мусо алайҳиссаломга пайғамбар бўлганларини билдириш учун у кишини назар тушмайдиган жойга чақириш мақсадида қўлланган чора бўлиб, фаришталар томонидан ёқилган бошқача бир гулхан экан. Демак, бу билан Мусо алайҳиссаломга ҳам, ўша ердаги фаришталарга ҳам хайру барака берилибди. Сўнг Мусонинг рисолатни етказиш учун пайғамбар қилиб танлаб олингани муборакбод қилинибди. “Оламларнинг Парвардигори - Аллоҳ покдир” жумласи Аллоҳ таолонинг Мусога Ўзи ҳақида бераётган хабаридир. Токи у Аллоҳнинг Каломини эшитиб, “бу одамнинг сўзига ўхшар экан” деган хаёлга бормаслиги учун У Зот пайғамбарига Ўзининг махлуқотга ўхшашдан пок, айбу нуқсонлардан саломат экани ҳақида таълим бермоқда.
9. «Эй Мусо! Мен қудратли ва ҳикматли Аллоҳдирман!;
Бу ояти каримада Аллоҳ азза ва жалла бандаси Мусога у билан роз айтишаётган (сўзлашаётган) Зот ҳамма нарсадан ғолиб, бандалари устидан мутлоқ ҳоким бўлган қудратли ва ҳикматли Аллоҳ таоло эканини баён қилмоқда. Яъни, эй Мусо, айни пайтда сен билан сўзлашаётган Мен - Аллоҳдирман! Мен нимага буюрсам, сен ўшанга қулоқ сол ва айтганларимни, сенга топширган вазифаларимни адо эт!
10. ва асойингни ташла!» Унинг илон каби қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, қўрқма! Зеро, Менинг ҳузуримда пайгамбарлар қўрқишмайди!»
“Ва асойингни ташла!” хитоби ўзидан аввалги нидонинг узвий давоми ҳисобланади. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга нидо қилаётган Зот Ўзи эканини баён қилиб бўлганидан кейин унга асосини ташлашни буюрди. Шунда Мусо қўлидаги асони ерга ташлаган эди, у илонга айланиб, ҳаракатлана бошлади. Қоронғи тунда, совуқ саҳрода, овлоқ жойда кутилмаганда содир бўлган бу ишдан қаттиқ қўрқиб кетган Мусо асонинг илон каби қимирлай бошлаганини кўриб, ортига қарамай қочди. Мусонинг бу тарзда қочишига сабаб шуки, у рўпарасида қимирлаётган нарса бироз олдин кўлидаги ҳассаси эканини умуман хаёлига келтирмаган эди. Қўрқув ва саросимага тушиб қолса, ўзини йўқотиб қўйиш ва фикрлашга қодир бўла олмаслик инсон табиатига хос нарсадир. Мусо алайҳиссалом ана шундай қўрқув ҳолатида турганида Аллоҳ таоло унинг қалбига хотиржамлик солиш учун “Эй Мусо, қўрқмагин!” деб далда берди. “Менинг ҳузуримда пайғамбарлар қўрқишмайди” жумласи Мусо қўрқувга тушишдан нима учун қайтарилаётганининг сабабини очиб беради: Аллоҳ айтяптики, Мен кимни рисолатимни зиммасига олиб, амримни одамларга етказиш учун элчи қилиб танлаб олган бўлсам, ўша элчилар Менинг даргоҳимда ҳеч нарсадан қўрқишмайди. Бу билан Мусо алайҳиссаломнинг ҳам ўша пайғамбарлардан бири экани очиқ эълон қилинди.
11. Лекин ким зулм қилса-ю, сўнгра ёмонлик кетидан яхшиликни алмаштирса, албатта Мен мағфиратлидирман, раҳмли-дирман.
Яъни, эй Мусо, Менинг ҳузуримда пайғамбарларим асло қўрқишмайди. Аммо улардан бошқа ким ўз жонига зулм қилиб, бирон ёмон ишни содир этадиган бўлса, сўнгра зулмдан - адолатга, ёмонликдан - яхшиликка қайтса, гуноҳ-маъсиятдан тоат йўлига юриб, чин қалбдан тавба қилса, Мен ўша банданинг барча гуноҳларини кечираман. Зеро, ёлғиз Менгина мағфиратлиман, раҳмлидирман. Мусо алайҳиссалом бу гаплардан кейин ўзига келиб, қўрқинчи кетди, кўнгли хотиржам бўлди. Аллоҳ таоло у кишига берадиган мўъжизаларини бирин-кетин кўрсатиб, тажрибадан ўтказиш синовини давом эттирди, у зот алайҳиссаломга яна бир пайғамбарлик мўъжизасини кўрсатди:
12. Қўлингни ёқанг ичига кирит, у ҳеч бир зиёнсиз оппоқ бўлиб чиқади. Бу Фиръавн ва унинг қавмига аталган тўққиз мўъжиза ичидадир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар.
Яъни, эй Мусо, қўлингни ёқангнинг очиқ жойидан кирит, у ҳеч бир зиён-заҳматсиз (мохов ва песга ўхшамайдиган) оппоқ, порлоқ бўлиб чиқади. Унинг саломат ҳолида бундай оқариб чиқиши Аллоҳ таолонинг қудрати ва иродаси билангина юз беради. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга қўлларини ёқалари ичидан қўлтиқларига суқишни амр этмоқда. Бошқа оятларда тўғридан-тўғри «қўлтиғингга кирит» дейилган, аммо бунисида қўлтиққа ёқа орқали суқишга амр қилинмоқда. Оятда келган «жайб» сўзи «чўнтак» маъносида ҳам ишлатилади, лекин бу асл маънони билдирмайди. Асл маъно «ёқа»дир. Жаброил алайҳиссалом ҳам Биби Марямнинг жайбидан, яъни ёқасидан пуфлаганлар, чўнтагидан эмас. Мусо алайҳиссаломнинг ҳодисаларида ҳам қўлни қўлтиққа чўнтак орқали тиқиб бўлмаган. Мусо алайҳиссалом қўлининг оппоқ бўлиб чиқиши айримлар ўйлаганидай, сеҳр эмас, балки Аллоҳ таолонинг пайғамбарга ато қилган мўъжизаларидан бири эди.
Ўша даврда Мисрда - Мусо алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилаётган юртда сеҳр жуда кучайган эди. Сеҳргарлар одамларнинг кўзига бир нарсани бошқа кўринишларга солиб кўрсатар ёки шунга ўхшаш кўплаб кўзбойлаш ва фирибгарликлар қилишар эди. Аллоҳ таоло уларнинг сеҳрини синдириш, одамларни сеҳргарларга эмас, пайғамбарларга эргашиш зарурлигига ишонтириш ҳамда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбар эканини исботлаш мақсадида у зот алайҳиссаломга турли мўъжизалар берди. Буларнинг биринчиси асонинг илонга айланиши бўлса, иккинчиси қўлнинг оппоқ бўлиб чиқиши эди. Ана шу икки мўъжиза Фиръавн ва унинг қавмига қаратилган тўққизта мўъжиза ичида ҳам бор эди. Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломга ато этган ушбу тўққизта мўъжизаси қуйидагилар эди: асо, қўл, қаҳатчилик йиллари, дарё, тўфон, чигиртка, бит, қурбақа ва қон. Бу мўъжизаларнинг баёни Аъроф ва Исро сураларида ҳам келган, буларни Ибн Аббос, Мужоҳид, Қатода ва бошқалар ривоят қилишган.
Мўъжизаларнинг тўққизта деб чекланиши Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга бундан бошқа мўъжиза бермаган, деган фикрни келтириб чиқармаслиги лозим. Усул илми уламоларининг таъкидлашларича, бирор нарсани аниқ бир миқдор билан чегаралаб ифодалаш унингўша сондан ортиқ бўлиши эҳтимолини инкор қилмайди. Оят охирида Фиръавн ва унинг қавми ҳақида: “Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар” деб хабар берилмоқда. Бу Мусо алай-ҳиссаломнинг ушбу қавмга нима учун юборилишининг асл сабабидир. Яъни, эй Мусо, Биз сени ўша тўққиз мўъжиза билан Фиръавн ва қавмига юборяпмиз. Сабаби, улар Бизнинг тоатимиздан чиқиб, фосиқлик йўлига кириб кетишди ва Мендан ўзга махлуқотга ибодат қилишяпти.
13. Уларга оятларимиз очиқ-ойдин бўлиб келганида: «Бу аниқ сеҳрдир», дейишди.
Мусо алайҳиссалом ўзининг чин пайғамбарлигини тасдиқловчи бу илоҳий мўъжизалар билан қуролланган ҳолда Фиръавн ва унинг қавми олдига уларни Аллоҳ учун ихлос билан ибодат қилишга чақирганида улар ношукрлик, кибр ва ғурур билан “Эй Мусо, бизлар сенда кўриб турган нарса очиқ-ойдин сеҳрнинг ўзгинаси-ку!” дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган Аллоҳнинг оятларини кўриб, ҳар бир инсоннинг кўзи очилиши, тоатга бурилиши керак. Уларга берилган илоҳий мўъжизаларни кўриб, ҳамма тўғри йўлни топиши лозим. Мўъжизалар Фиръавн қавмига ҳам кўзларни очиш учун келган эди, аммо уларнинг кўр кўзлари очилмади, қалбларининг муҳри бузилмади, улар Аллоҳнинг мўъжизаларини сеҳрга чиқаришдан бошқа йўл топа олишмади.
14. Ўзлари аниқ билиб туришса ҳам зулм ва кибрлари туфайли уларни инкор этдилар. (Эй Муҳаммад), энди бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг.
Аслида Фиръавн ва қавми ушбу мўъжизаларнинг Мусо алайҳис-саломга Парвардигори томонидан нозил қилинганини яхши билишарди. Фиръавн ва унинг қавмининг бу илоҳий мўъжизаларни инкор этишлари уларни билмасликдан эмас эди. Аммо билиб туриб, билганларига хилоф иш тутишди, унга имон келтиришга бўйинлари ёр бермади, кибр ва ғурурлари устунлик қилди. Эй оқил инсон, сен булар ҳақида тафаккур қил, Аллоҳга итоатсизликнинг оқибати нима бўлиши ҳақида ўйлаб кўр! Улар кофир бўлганлари, золимликлари ва ношукрликлари ҳамда Ер юзида бузғунчилик қилиб юрганлари боис Аллоҳ барчаларини сувга ғарқ қилди. Золимлар бу дунёда гирифтор бўлган жазо шу бўлса, охиратда уларни Аллоҳнинг бундан ҳам даҳшатли ва оғир азоблари кутиб турибди. Оят охиридаги “(Эй Муҳаммад), энди бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг” жумласида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кофир қавмдан етган жабр-зулмни енгиллатиш учун тасалли бериш маъноси бор. Қурайш кофирларининг Ҳақни била туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсаларни инкор қилишлари худди Фиръавн ва қавми тутган йўлга ўхшайди. Уларнинг қалбига имон киришига кўп нарса монеълик қиларди. Бунинг аввалида эса, ношукрлик, ҳасад, ота-боболари қилиб келган нарсаларга кўр-кўрона қаттиқ ёпишиб олиш, вазиятни бир ҳолатдан бошқасига ўзгартиришни нафслари истамаслиги ва бу иш шаҳватлари томонидан уларга зийнатлаб кўрсатилгани туради.
Келгуси оятларда Довуд ва Сулаймон алайҳимассаломга илм берилгани, Сулаймон алайҳиссаломнинг Довуд алайҳиссаломга ворис бўлгани баён этилиб, сўнгра у кишининг қиссалари келтирилади:
15. Дарҳақиқат, Биз Довуд ва Сулаймонга илм бердик. Икковлари: «Бизни кўп мўмин бандаларидан афзал қилган Аллоҳга мақтовлар бўлсин», дейишди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга ҳам, унинг ўғли Сулаймон алайҳиссаломга ҳам илм, ҳикмат ва пайғамбарликни ато этган эди. Довуд алайҳиссаломга Забурни тиловат қилиш илмини ҳам берган эди. У киши Забурни тиловат қилганларида тоғ-тошлар ҳам, осмондаги қушлар ҳам сукутда тинглашарди. Бу ҳақда бошқа сураларда муфассал айтиб ўтилган. Аллоҳнинг ато ва неъматлари туфайли икковлари кўплаб мўмин бандалардан афзал бўлишди, бунинг учун Парвардигорлари Аллоҳ азза ва жаллага мақтов ва шукроналар йўллашди. Пайғамбарлик, илм, ҳикмат неъматлари билан неъматланганлар Аллоҳга ҳар қанча шукр қилиб, ҳамд айтсалар оз. Неъматнинг шукрини адо этиш ўша неъматнинг ўзидан ҳам катта неъматдир. Барча пайғамбарлар, хусусан Пайғамбаримиз алайҳис-салом ҳам Аллоҳнинг шукр қилувчи-шокир бандаларидан бўлишган.
Ривоят этилишича, Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам кечаси нафл ибодатда узоқ турдилар, ҳатто муборак оёқлари толди. Шунда Оиша розиялл оҳу анҳо айтдилар:«Ахир Аллоҳ таоло сизнинг аввалги ва охирги гуноҳларингизни мағфират этмаганми?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: «Шукр этувчи банда бўлмайинми?» (Муслим ривояти). Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят этилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Эй Муоз, чиндан ҳам мен сени дўст тутаман, сен: «Эй Аллоҳим! Сенга зикр этишда, Сенга шукр этишда ва чиройли ибодат этишда менга ёрдам қил!» деб айт» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳайён, Ҳоким ривояти).
16. Ва Сулаймон Довудга ворис бўлди ва у: «Эй одамлар, бизга қушларнинг тили билдирилди ва ҳамма нарсадан берилди. Бу албатта очиқ-ойдин фазлдир», деди.
Саҳиҳ ҳадисларда келишича, ҳайвонлар, қушлар, ҳатто жонсиз нарсалар ҳам сўзлаган ва Парвардигорга тасбеҳ айтган. Бундан маълум бўладики, Холиқи Зулжалол ҳар бир махлуқининг фитратига муносиб Ўзи ирода қилган сифатларни ҳам қўшиб яратган. Шундай бўлганидан кейин уларнинг Аллоҳнинг изни билан сўзлашлари, яратган Холиққа тасбеҳ айтишлари ажабланарли ҳолат эмасдир. Ҳайвон ва қушларни сўйлатган Парвардигорнинг уларнинг тилини Ўзи ирода қилган инсонларга, яъни пайғамбарларга билдириб қўйиши ҳам мутлақ ишонарли ҳодисадир. Шунинг учун ҳам Сулаймон алайҳиссалом ўзларига қушларнинг тили билдириб қўйилганини одамларга эълон қилмоқдалар. У кишининг бу эълони фахр ёки риёкорлик учун эмас, балки Аллоҳнинг неъматини эслаш ва шукрини айтиш учундир.
Ушбу оятдаги Сулаймоннинг отаси Довудга меросхўрлиги отанинг вафотидан кейин ундан қолган мол-мулкка бўладиган оддий ворислик эмас, балки илмга ворисликдир. Чунки Довуд алайҳисса-ломнинг Сулаймон алайҳиссаломдан бошқа фарзандлари ҳам кўп эди. Улар мол-дунё масаласидаги меросда тенг ҳуқуқли эдилар. Аммо илм маъносидаги меросга фақат Сулаймон алайҳиссалом ворис бўлдилар. Бу нарса Аллоҳ таолонинг катта неъмати, неъмат бўлганда ҳам ҳаммага ҳам берилавермайдиган илоҳий неъмат эди. Сулаймон алайҳиссаломнинг Довуд алайҳиссаломга ато этилган илм, ҳикмат, пайғамбарликка меросхўр бўлиши, унга қушларнинг тили билдириб қўйилиши ўз-ўзидан келадиган нарса эмас, балки Аллоҳ таоло томонидан берилган очиқ-ойдин фазл-марҳаматдир.
17. Сулаймонга унинг жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар.
Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ таолодан ўзидан кейин бирор инсонга насиб бўлмайдиган мулк-салтанат сўраган эди. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ўзи яшаб турган ҳудуддаги жинлардан, инсонлардан ва қушлардан катта лашкар берди. Аллоҳ таоло яна у кишига қушлар ва бошқа махлуқларнинг тилини тушуниш фазлини ҳам берди. У киши ўз лашкарлари билан Аллоҳ таоло ўзига инъом этган мартабадан фойдаланган ҳолда ўз шавкатини кўздан кечирмоқчи бўлиб лашкар билан дунёдаги катта худуларни фатҳ этиш учун сафарларга чиқди. Ана шундай сафарлардан бирига отланганида ўша инсонлар, жинлар ва қушлардан ташкил топган лашкарнинг Сулаймон алайҳиссалом ҳузурида саф тортиб, тизилиб тургани васф қилинмоқда.
18. Улар чумолилар водийсига келишганида бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, Сулаймон ва унинг лашкарлари билмай сизларни топтаб юбормасин», деди.
Ушбу ояти каримада чумолилар воқеаси зикр қилингани учун биз ўрганаётган сура Намл - «Чумолилар» деб ном олган. Чумолилар ҳам худди асалари каби маълум интизом ва ўзига хос хусусиятларга эга бўлган Аллоҳнинг мўъжизавий махлуқларидандир. Бу ояти каримада уларнинг жамоат бўлиб яшашлари ва бир-бирларини хавф-хатардан огоҳлантиришлари ҳақида сўз боради. Илгарилари эҳтимол баъзи одамлар Қуръонда келган бу хабарни, яъни чумолиларнинг ўзаро гаплашишлари ва мураккаб хабарларни бир-бирларига етказишларини ақлларига сигдира олишмагандир.
Бироқ чумолиларнинг яшаш тарзини ўрганиш борасида олиб борилган сўнгги тадқиқотлар илгари инсониятга маълум бўлмаган бир нечта сирларни очиб берди. Бу тадқиқотлардан маълум бўлдики, барча жонзотлар ва ҳашаротлар ичида яшаш тарзи инсонларникига энг ўхшаб кетадигани чумолилар экан. Буни чумолиларда учрайдиган қуйидаги ҳолатларда кўришимиз мумкин: чумолилар вафот этган шерикларини инсонлар каби дафн қилишади. Уларда мураккаб тузилмага эга меҳнат тақсимоти шакилланган, уларнинг алоҳида иш бошқарувчилари, назоратчилари, ўнбошилари ҳамда ишчилари бўлади.
Улар ҳар замонда ўзаро гаплашиб-маслаҳатлашиб олиш учун йиғилиб ҳам туришади. Уларда ўзаро ахборот алмашинишнинг такомиллашган усули мавжуд. Ҳатто уларнинг ўз “бозор” лари ҳам борки, у ерда нарсаларини айирбошлашади. Улар узун қиш мавсуми учун дон йиғишади, агар дон куртак туга бошласа, улар бунга қўйиб беришса, дон чириб қолишини билгандай ўша томирларни қирқиб туришади., гўёки, агар қўйиб беришса, дон чириб қолишини билишадигандай. Агар йиғиб қўйган донлари ёмғир туфайли нам тортиб қолса, уларни қуёш нурига олиб чиқиб қўйишади, қуригач яна қайтариб инларига олиб киришади ва ҳоказолар.
Ояти кариманинг хабар беришича, Сулаймон алайҳиссалом ўзларининг жин, инс ва қушлардан иборат аскарлари билан бир юртга қараб кетаётган эканлар, чумолилар водийсига келганларида бир чумоли шерикларини Сулаймон алайҳиссаломнинг лашкарлари нобуд қилиб қўймаслиги учун яшириниб олишга чақирибди. Одатда катта бир лашкар кетаётганда ҳеч нарсага эътибор бермай, дуч келган нарсани оёқости қилиб кетаверади. Эҳтимол, ўша чумоли чумолилар водийсининг хавф-хатардан огоҳлантирувчи масъули бўлгандир. Шу сабабли, у чумолиларга уяларига кириб туриш-ни маслаҳат берди. Унинг бу гапларини Аллоҳ томонидан айрим махлуқларнингтилини билиш қобилияти берилган Сулаймон алай-ҳиссалом ҳам эшитдилар. Қуръони каримдаги бундай мисоллар нодон ва масаланинг фақат зоҳирини англай оладиган кимсаларнинг чалғиб-гангишларига сабаб бўлиши мумкин. Бошқа чумолиларни Сулаймон алайҳиссалом ва унинг лашкарлари келаётганидан огоҳлантирган чумоли ҳақидаги мисол борасида ҳам шуни айтиш мумкин. Ваҳоланки, ҳозирги замон фани буни аллақачон исботлаб берди. Ҳашаротлар ҳақидаги фан чумоли ва асалариларнингўзи хос тили ҳақида мукаммал билимлар билан тўлиб-тошган. Ҳақиқатан ҳам чумолилар ўзаро “гаплашишини” фан тан олганига анча бўлди. Агар бу чумолиларда бир-бирини тушунадиган тил бўлмаган-да, юз минглаб ҳашарот тўпланган жойда вазифаларни тақсимлаш, қаттиқ интизом ва тартиб ўрнатиш, бир-бирларига фармойиш бериши мумкин бўлмасди. Инсон Аллоҳни таниганидай, чумолилар пайғамбар Сулаймон алайҳиссаломни таниганларининг нимаси таажжубланарли?
19. Шунда унинг сўзидан кулиб, табассум қилди ва: «Парвардигорим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга пгукр этишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга мени муваффақ этгин. Ўз раҳматинг билан мени солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин», деди.
Бир куни Сулаймон алайҳиссалом асҳоблари билан Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилиш учун бир водийга чиққан эди. Водийда бир чумолининг Аллоҳдан ёмғир сўраётганини кўриб қолди ва шерикларига: “Қайтинглар, ёмғирни Аллоҳдан чумоли сўради ва унинг дуосини Аллоҳ албатта ижобат қилади”, деди. Ҳозир ҳам чумолининг ўз шерикларни хавф-хатардан огоҳлантираётганини кўриб, жилмайиб қўйди ва Аллоҳнинг бу мўъжизаси учун шукрона сифатида Аллоҳ азза ва жаллага шундай илтижо қилди: «Парвардигоро, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга мени муваффақ айла! Ўз раҳматинг билан мени солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин». Ўзи муносиб бўлмаса ҳам Аллоҳ беҳисоб неъматларни бериб қўйганини эътироф этиш шукрдир. Неъмат келганида чиройли тавозуъ кўрсатиш ва Аллоҳга бўйин эгиш ҳам шукрдир. Шукр этишнинг ўзи Аллоҳ таоло неъматларидан бири эканини англаш ҳам шукрдир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида келганидек: «Инсонларга раҳмат айтмаган одамдан Аллоҳ рози бўлмайди». (Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривояти). Неъмат берувчи Зотга эътироз билдиришдан сақланиш ва чиройли одоб кўрсатиш ҳам шукрдир. Неъматни чиройли қабул қилиб олиш ва кичигини ҳам катта деб билиш ҳам шукр этишдир. Неъмат берувчига шукр қилиш ҳам катта неъматдир. Чунки шукр туфайли неъмат бардавом ва зиёда бўлади. Сулаймон алайҳиссалом нафақат ўзига, балки ота-онасига берилган неъматларга ҳам шукр қилиш учун Аллоҳнинг Ўзидан ёрдам сўрамоқда.
20. У қушларни кўздан кечириб пгундай деди: «Нега ҳудҳудни кўрмаяпман? Ёки у ғойиблардан бўлдими?;
Лашкарлар саф тортганида Сулаймон алайҳиссалом уни текшираётиб, қушлар гуруҳига етганида сафда ҳудҳуд (попишак) йўқлигини кўриб қолди. Бундан келиб чиқадики, ҳар қандай бошлиқ ёки саркарда худди Сулаймон алайҳиссаломга ўхшаб ўз қарамоғидаги эргашувчиларни ҳамиша назорат қилиб-йўқлаб туриши керак. Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳуднинг сафда йўқлигини пайқаганидан сўнг бошқа лашкарбошиларга ўхшаб бақириб-чақириб, жанжал кўтармади, аксинча юксак одоб билан: “Нега ҳудҳудни кўрмаяпман? У бирор ёққа ғойиб бўлдими?” деб сўради. Лашкарбошининг саволини ҳамма эшитди ва ҳудҳуднинг рухсат сўрамай қаёққадир кетиб қолгани аён бўлди. Ҳар қандай раҳбар қоида ва интизом-ни бузган ходимини суриштириб, қилмишига сабаб бўлувчи узри бор-йўқлигини суриштиради. Агар узри бўлмаса, бошқаларга ибрат бўлиши учун тартиббузарни қаттиқ жазолайди. Сулаймон алайҳис-салом ҳам тартибни бузиб, рухсатсиз кетиб қолган ҳудҳудни жазолашга қарор қилади.
21. ё уни албатта қаттиқ азоб билан жазолайман ёки сўйиб юбораман ёхуд у менга аниқ ҳужжат келтиради».
Сулаймон алайҳиссалом лашкар сафидан рухсатсиз кетиб қолган ҳудҳудни қандай жазолаш чораларини режалай бошлади: уни қаттиқ азоблаб жазолашим ҳам мумкин ёки сўйиб юбораман ёхуд нимага изн сўрамай кетиб қолгани ҳақида аниқ бир ҳужжат келтиради, шунда жазодан қутулиб қолиши мумкин. Сулаймон алайҳиссалом ана шу режани қилиб турган пайтда ҳудҳуд Сабаъ ўлкасида юриб, унинг маликаси Билқис ҳақида хабарларни Сулаймон алай-ҳиссаломга етказиш учун ҳаракат қилаётган эди.
22. Кўп ўтмай, у келиб айтди: «Сен билмаган нарсани билдим ва сенга Сабаъдан ишончли бир хабар олиб келдим;
Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳуддан аччиқланиб турганида у етиб келиб, лашкарбошини ҳовуридан тушириш ва ўзини оқлаш учун гапни чўзиб ўтирмай, дарров мақсадга ўтақолди: “Мен сабабсиз юрмаган эдим, ҳозиргача сен билмаган воқеалардан хабардор бўлдим. Сенга Сабаъдан бир ишончли хабарни етказиб келдим”. Ҳақиқатан ҳам ҳудҳуд ўзи пайғамбар, подшоҳ, инсу жин ва қушлардан иборат катта лашкарга бош бўлган Сулаймон алайҳиссалом ҳам эшитмаган, билмаган бир хабарни олиб келган эди.
23. дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан, унга ҳар нарсадан ато қилинибди ва унинг буюк тахти ҳам бор экан;
Қушнинг хабар беришича, Арабистон ярим оролининг жанубидаги Яманда Сабаъ деган бир мамлакат жойлашган экан. Мамлакат подшоҳининг ўлимидан кейин унинг халқи подшоҳнинг хотини Билқисни малика қилиб кўтарган экан. Мен Сабаъда ўша маликани кўрдим: унга ҳамма нарса берилган экан, ҳатто унинг гўзал бир тахти ҳам бор экан.
24. мен унинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини кўрдим». Шайтон уларга амалларини чиройли кўрсатиб, тўғри йўлдан тўсгандир, энди улар ҳидоят топишмайди;
Ҳудҳуд олиб келган хабарнинг энг муҳим жойи ушбу оятда васф қилинмоқда. Ўша Сабаъ мамлакатига подшоҳ бўлиб турган малика ва унинг қавми Аллоҳга эмас, қуёшга сажда қилаётган экан. Бу энг хато йўлдир. Бутун оламларни ҳам, ер юзи ва осмонлардаги барча мавжудотларни, ҳатто улар сиғинаётган қуёш, ой, юлдузларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган бўлсаю, сабаъликларнинг осмон жисмларидан бирига сиғиниб юришлари нимаси? Бунинг устига лаънати шайтон уларнинг қилаётган гуноҳ амалларини ўзларига чиройли кўрсатиб қўйибди. Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон алайҳиссалом уларни бундай хато ишдан зудлик билан қайтариши, уларга Аллоҳнинг тавҳиди нималигини тушунтириши лозим. Агар Сабаъ қавми шу ҳолатида қолиб кетса, асло ҳидоят топмайди, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан бебаҳра қолади.
25. осмонлару Ердаги сирларни ошкор қиладиган, яширадиган ва ошкор нарсаларингизни биладиган Аллоҳга сажда қилсинлар;
Сабаъликлар яхши билиб олсинларки, сажда фақат барча оламларнинг Парвардигори ягона Аллоҳ азза ва жаллага қилинади. У Зотдан ўзга бошқа ҳар қандай мавжудотларга, махлуқларга, осмон жисмларига қилинган сажда ширкдан бошқаси эмас. Ширк эса Аллоҳ таоло кечирмайдиган энг улкан гуноҳлардандир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Сизларга энг катта гуноҳ нималигини айтайми?” деб уч марта сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ: “Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш...” дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳалок қилувчи еттита гуноҳдан сақланинглар”, дедилар-да, биринчи бўлиб Аллоҳга ширк келтиришни зикр қилдилар. Сабаъликлар англаб етмаган ҳақиқатни оддий бир қуш бўлмиш ҳудҳуднинг билиши ҳайвонларнинг ҳам имонли бўлишларини кўрсатади. Агар одамлар Сулаймон алайҳиссалом каби уларнинг сўзларини тушунишганида ҳамиша улардан панд-насиҳат эшитиб турган бўлишармиди!
26. Аллоҳ - Ундан ўзга илоҳ йўқдир, У буюк Аршнинг Парвардигоридир».
“Лаа илааҳа иллаллоҳ” - “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир” жумласи тавҳиднинг асосий шиоридир. Ҳақиқатан, бутун оламларнинг, замину коинотнинг, барча жонли ва жонсиз мавжудотларнинг яратувчиси ягона Аллоҳ бўлсаю, қайси ақл билан Унга тобеъ бўлган осмон жисмларига, масалан, қуёшга сиғиниб юриш мумкин? Нима учун Сабаъ маликаси ва унинг қавми қуёшга сажда қилади? Ахир Аллоҳ-дан ўзга ибодатга сазовор ҳеч бир зот йўқ-ку! Буюк Аршнинг Парвардигори фақат Аллоҳнинг Ўзи-ку! Шу гаплар билан ҳудҳуд ўта муҳим хабарини Сулаймон алайҳиссаломга етказиб бўлди. Сулаймон алай-ҳиссалом нима қилсин? Ҳудҳуднинг бу гапларига ишонсинми-йўқми? Ҳудҳуд ўз айбини беркитиш учун бу гапларни тўқиб чиқармаганмикин? Лекин бунчалик ишончли гапни ўзича тўқиб чиқариши ҳам қийин. Йўқ, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У буюк Аршнинг Парвардигоридир, нима қилиб бўлса ҳам сабаъликларни бу гуноҳ ишларидан қайтариб, тавҳид сари йўллаб кўйиш керак бўлади.
Юқоридаги икки ояти карима сажда оятларидан бўлиб, уни ўқиган ёки эшитган одамга қироат саждаси қилиш вожиб бўлади.
27. У айтди: «Рост сўзладингми ёки ёлғончиларданмисан, тезда кўрамиз;
Оқил инсонлар бир киши келтирган хабарга дарҳол ишониб кетишмайди, унинг рост-ёлғонлигини, хабар келтирганнинг ишончли ёки ишончсиз эканини текшириб кўришади. Сулаймон алайҳисса-лом ҳам шундай йўл тутди, ҳудҳуд келтирган хабарни текшириб-аниқлаб олмоқчи бўлди. Қушга қарата: «Сенинг гапингга дарров бир нарса демаймиз, унинг рост ё ёлғонлигини текшириб кўрамиз”, деди.
28. бу мактубимни уларга олиб бориб ташла, сўнгра четга чиқиб кузат, нимани қайтаришаркин?».
Бунинг учун эса бир тадбир ўйлаб топди. Сабаъ маликасига бир мактуб ёзиб, муҳр босди ва ҳудҳудга: “Мана бу хатни олиб бор, уларнинг жавобини ҳам олиб кел!” деб буюрди. Бу тадбир Сулаймон алайҳиссаломнинг ўткир ақл ва илм эгаси, тадбиркор подшоҳ эканини кўрсатиб турибди. Ҳозир у бир йўла икки ишни қилмоқда: ҳудҳуднинг ўзидан фойдаланиб, унинг ростгўй ёки ёлғончилигини текшириб ҳам кўрмоқда, Сабаъ мамлакатига мактуб ҳам юбор-моқда. Лекин у мактубда нима ёзилганини ҳеч кимга маълум қилмади.
29. У айтди: «Эй аъёнлар! Менга муборак бир мактуб ташланди;
Одатда Қуръони каримда пайғамбарлар қиссалари зикр қилинар экан, бунда жузъий тафсилотларга эътибор қаратилмайди, балки қиссанинг эътиборга молик, ҳикматли ўринларини қисқача васф этиш билан кифояланилади. Ушбу ўринда ҳам ҳудҳуд мактубни олиб, йўлга чиққани, Сабаъ мамлакатига етиб келиб, саройга яқин жойга мактубни ташлаб қўйиб, ўзи четга чиқиб тургани ва у мактуб қандай қилиб маликанинг қўлига тушгани ҳақида айтиб ўтирилмайди. Қисса маликанинг мактубни олиб, бу ҳақда аъёнларига хабар бераётган жойидан давом эттирилади. Маликанинг аъёнларига мактуб ҳақида хабар бериши унинг ўз одамлари билан маслаҳатлашиб иш кўришига далолат қилади. Шу билан бирга, малика ўзи сезган белгилар асосида мактубнинг шунчаки оддий эмаслигини ҳам айтмоқда.
30. Албатта у Сулаймондандир, унда: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм;
Малика аъёнларига хабар бериб айтяптики, бу мактуб оддий ёзишмалардан эмас, балки Сулаймон алайҳиссаломдан экан. Бунинг устига у “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деб, яъни “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан” бошланган экан. Сабаъ маликаси Билқис Сулаймон алайҳиссаломнинг мактубини олгач, узоқ мулоҳаза қйлди. Сулаймон алайҳиссаломнинг қанчалар буюк подшоҳ, улуғ инсон эканига ва сўзи ҳатто қушларга ҳам ўтишига ҳайрат билан гувоҳ бўлди. Мактубга ҳурмат кўрсатиб, “менга бир мукаррам мактуб юборилди” деди ва кичкинагина элчи ҳудҳуд қушига илтифот билан қаради, эҳтиром кўрсатди ва Сулаймон алайҳиссаломга имон келтирди.
Басмалаи шарифа - “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” барча илоҳий саҳифалар ва китобларнинг асрорини ўзида жам этган муборак калимадир. “Бисмиллаҳ” барча саҳифалар ва китобларда мавжуддир, динимизда мактубларни ҳам “Бисмиллаҳ” билан бошлаш жорий бўлган. Саҳиҳ ривоятга кўра, Одамдан кейин бу муборак калима кўтарилди. Иброҳим алайҳиссалом манжаниқда (ўтга отадиган тўпда) эканида басмалаи шариф талқини билан Аллоҳ таоло оловнинг тафтини пасайтирди. Ундан сўнг яна кўтарилган бўлиб, Сулаймонга нозил қилинди. Сулаймон алайҳиссалом эса мактубларида доимо “Бисмиллаҳ”ни ёзар ва ҳар бир ишга киришишдан олдин уни айтиб, сўнг бошлар эди. Бисмалаи шарифани ёзиб, Билқисга мактуб юборган эди. Бу билан у зотга берилган неъматлар бекаму кўст бўлди. Сулаймон алайҳиссалом барча қушларни, тошларни шу қудсий калима билан ўзига боғлаган эди. Сулаймон алайҳиссаломдан кейин бу қудсий калима яна кўтарилиб, Исо алайҳиссалом даврида нозил бўлди. Унга бу калимани кўп тиловат этиш ваҳий қилинган эди. Ва ниҳоят Қуръони азимушшанда бу қудсий калима сураларнинг ажратилишига асос бўлди ва мўминларга машруъ ишларни бу калимани айтиб бошлаш амр этилди. Ҳадисда келишича, “Бисмиллаҳ”сиз бошланган ишларнинг орти кесик, баракотсиздир.
31. менга катталик қилмай, таслим бўлган ҳолингизда келинглар», (дейилибди)».
Сулаймон алайҳиссаломнинг Сабаъ маликаси Билқисга юборган мактуби “Бисмиллаҳ” билан бошланган ва унда Сулаймон қатъий равишда мактубни олган заҳоти пайғамбарга бош кўтармай, итоат қилган ва таслим (мусулмон) бўлган ҳолларида ўз ҳузурига етиб келишни буюрган эди. Бир мамлакатнинг ҳукмдори одатда шундай мазмундаталабнома жўнатса, мактуб олган томон эътироз билдирган, орияти устунлик қилган ва ўша ҳукмдорга қарши қўшин тортиб борган бўлар эди. Малика эса бу мактубнинг ҳикмати ва мукаррамлигини дарров илғаб олди ва дарров аъёнларини маслаҳатга чақирди.
32. У: «Эй аъёнлар! Менга бу ишимда маслаҳат беринглар. Сизлар гувоҳ бўлмагунингизча мен бирор ишни қилмайман», деди.
Сабаъ маликаси оқилона йўл тутди: олдин мактуб мазмуни билан яхшилаб танишиб чиқди, сўнг аъёнлари, ўзига қарашли арбоблар ва акобирларни маслаҳатга чорлади. «Сизлар менга мана бу ишда, Сулаймондан келган мактуб масаласида маслаҳат беринглар, йўл кўрсатинглар. Сизларни тузган режаларимга гувоҳ қилмасдан, сизлардан тадбир сўрамасдан ўзимча бирор иш қилмайман», деди.
33. Улар: «Биз куч-қувват ва азму шижоат эгаларидирмиз. Буюриш ўзингга ҳавола, нимага амр қилишингни ўйлаб кўравер», дейишди.
Аъёнлар доно маликага муносиб маслаҳат бера олишмади, балки ҳамма ишни ҳал қилишни унинг ўзига топшириб қўяқолишди: “Ўзингга маълумки, бизлар ҳам чакана одамлар эмасмиз, ўзимизга яраша куч-қувватимиз, азму шижоатимиз бор. Аммо сенга мактуб йўллаган ҳукмдор оддий одамларга ўхшамайди, шунинг учун бир қарорга келиш ўзингга ҳавола: иста - унинг олдига бориб, гапларини эшитиб кўр ва шунга яраша муомала қил! Хоҳла - унга қарши куршага бошла, юртимизни ва халқимизни унинг босқинидан ҳимоя қилайлик!”. Шунда малика нима қилмоқчи эканини аъёнларига баён қилиб берди.
34. У айтди: «Подшоҳлар бирор шаҳар-қишлоққа киришса, уни вайрон этиб, аҳлининг азиз кишиларини хор қилишади - улар шундай иш қилишади;
Малика Сулаймон алайҳиссаломнинг мактубидаги сўзларнинг маъносига эътибор қаратиб, унинг кимлигини текшириб кўришни истади. Сулаймон алайҳиссаломнинг подшоҳ ёки пайғамбар эканини билмоқчи бўлди. Агар Сулаймон подшоҳ бўлса, шунга яраша иш кўради: яъни бирор шаҳар-қишлоққа бостириб кирса, уни вайрон қилиб, аҳолисини асир-қул қилади ёки ўлдиради, азиз, баобрў одамларини эса хорлайди. Чунки подшоҳларда ўзга юртларни босиб олиш, халқини ўзига бўйсундириш, бойликларини ташиб кетиш режаси бўлади ва улар ниятларига етиш учун ҳеч нарсадан қайтишмайди. Агар у пайғамбар бўлса, сулҳни таклиф қилади, одамларни Аллоҳнинг ваҳдониятига даъват қилиш билан кифояланади. Афтидан, Сулаймон алайҳиссалом кейинги тоифага киради, шекилли?
35. мен уларга бир ҳадя юбориб кўрай-чи, элчилар нима билан қайтишаркин?».
Аъёнлари мактуб эгасига қарши жанг қилишга тайёрликларини билдиришса-да, малика уруш қилишни истамади, балки ҳаммасини муроса ва сулҳ йўли билан ҳал этишни хоҳлади. У аъёнларининг маслаҳати билан Сулаймон алайҳиссаломга катта совға тайёрлаб, элчи орқали уни юборди. Нима хабар билан келишини интизор кута бошлади. Малика шундай фикр қиларди: “Унга бир ҳадя юбориб кўрай. Одатда совға-саломлар мухолиф томоннинг қалбини юмшатади, дўстга айлантиради, диллаб турган ёмон ниятларидан қайтаради. Агар ҳадяни қабул қилса, мол-дунё учун интилган ва динни унга восита этган бўлади. Ҳадяни қабул қилмаса, мол-дунё учун эмас, дину диёнат учун ҳаракат қилаётган бўлади. Ҳаммасини ана шунга қараб режалаймиз”.
36. Сулаймонга келганида у айтди: «Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисизлар? У ҳолда Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан қувонарсизлар?».
Одатда бирор юмушининг тезроқ битишини кўзлаган одам ўша ишни битириб берувчига ҳадялар бериб, марҳаматлар кўрсатиб, кўнглини овламоқчи, унинг ёрдамидан фойдаланмоқчи бўлади. Шундай фикрни кўзлаган Сабаъ маликасининг элчиси ҳам ҳадяни олиб келиб, Сулаймон алайҳиссаломга тутди. Аммо у киши бошқалар каби маликанинг ҳадясини хурсандчилик ва мамнуният билан қабул қилмади, аксинча бу иш унга ёқмади, аччиғини чиқарди. “Мен Аллоҳни қўйиб, қуёшга сиғинаётган бу сабаъликларни Аллоҳнинг йўлига даъват қилаётган бўлсам-у, улар буни қабул қилиш ўрнига мол-дунё билан мени қўлга олишни кўзлашяптими? Сулаймон алайҳиссалом элчини қуйидаги сўзлар билан қарши олди: “Сизлар менга мол-дунё ёрдамида ёрдам бермоқчи бўляпсизларми? Унда Аллоҳ менга ато этган пайғамбарлик ва подшоҳлик У Зот сизларга берган мол-дунёдан яхшироқдир. Балки сизлар ҳали берган ҳадяларингиз билан қувониб, мақтанмоқчи ҳам бўлаётгандирсизлар?”.
37. “Сен уларга қайтиб бор. Энди биз уларга шундай қўшин билан борамизки, улар унга бас кела олишмайди ва у ердан уларни мағлуб-хор ҳолларида чиқарамиз».
Сулаймон алайҳиссалом малика юборган совға-саломларни қабул қилмади, элчини ортига қайтариб, маликанинг ўзи келишини талаб қилди. Акс ҳолда уларга қарши қўшин юборишини ҳам маълум қилди. У маликанинг элчисига шундай хитоб қилди: “Менга ҳадя юборганларнинг олдига қайтиб бориб, уларга айтиб қўй, ҳузуримга мусулмон ҳолларида келишмаса, улар устига юборган қўшиним малика ва Сабаъ халқини мағлуб қилиб, хор-зор ҳолида ҳузуримга асир қилиб олиб келади”, деб тайинлади. Элчи қайтиб бориб, маликага бўлган гап-сўзларни етказди. Малика ўзи етиб бормаса бўлмаслигини тушуниб, йўлга чиқди. Бу орада Сулаймон алайҳис-салом Сабаъ маликаси Билқиснинг одамлари билан келаётганидан хабар топиб, унинг ақл-фаросатини синаб кўриш учун бир тадбирни: униг тахтини Қуддусга келтириб қўйишни ўйлаб қўйди.
38. У айтди: «Эй аъёнлар! Улар менга таслим бўлиб келишларидан олдин қай бирингиз ҳузуримга унинг тахтини келтира олади?».
Сулаймон алайҳиссалом айтдики, эй аъёнларим, Сабаъ маликаси Билқис ўз одамлари билан йўлга чиқиб, биз томонга келишмоқда. Сизлардан қай бирингиз улар менга таслим бўлиб келишларидан олдин ҳузуримга маликанинг тахтини етказиб кела олади? Алий Собуний ўзининг “Сафват ат-тафосир” тафсирида нақл қилишича, Байзовий шундай деган: “Сулаймон алайҳиссалом бу сўзи орқали ўзининг Аллоҳ таоло изни билан мўъжизалар кўрсата олиш имкониятини кўрсатмоқчи бўлган эди. Бу эса пайғамбарлигининг кучи ва ҳақиқийлигига далолат қилар эди” (“Тафсири Байзовий”, 2-жуз, 83-бет). Ибн Касир тафсирида келишича, Ибн Қатода шундай деган: “Сулаймон маликанинг етиб келганини ва унингтахти гўзаллигини кўргач, шундай деган”.
39. Жинлардан ифрити: «Мен уни ўрнингдан тургунингча сенга келтираман. Албатта, бунга қодир ва ишончлидирман», деди.
“Ифрит” сўзи луғатда «қудратли, ғалаба қилувчи» маъноларида келади. Энг сержаҳл, ёмонликда уччига чиққан, айёр, кучли жинлар «ифрит» деб аталади. Бу сўз шайтонга ўхшаш одамларга нисбатан ҳам ишлатилади. Сулаймон алайҳиссаломга Сабаъ маликаси Билқиснинг тахтини олиб келишга қарор қилган паҳлавон жин ҳам ифритлардан эди. Сулаймон алайҳиссаломнинг мазкур гапларидан кейин у кишининг аскарларидан бўлган жинларнинг ифрити: “Эй пайғамбар, сен ўрнингдан туришингдан олдин мен маликанинг тахтини сенинг ҳузурингга олиб кела оламан, чунки мен бунга қодирман ва ундаги жавоҳирларнинг бус-бутун, йўқолмай келишига ишонсанг бўлади”, деди. Малика Билқиснинг тахти турли қиммат-баҳо тошлар билан безатилган эди.
40. Китобдан илми бор киши: «Мен уни кўз очиб-юмгунингча сенга келтираман», деди. Шунда унинг ўз ҳузурида турганини кўргач: «Бу Парвардигоримнинг фазлидандир, мен шукр келтираманми ёки ношукрлик қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилади. Ким ношукрлик қилса, у ҳолда Парвардигорим беҳожатдир, карамлидир», деди.
Уламолар ушбу ояти каримада зикр қилинган «китобдан илми бор киши»нинг кимлиги ҳақида кўплаб фикр айтишган. Жумладан, «Унинг исми Осиф ибн Бархиё эди», «У Тавротни, Исми Аъзамни биларди», «Лавҳул Маҳфуздан хабари бор эди» деган гапларни ёзишган. Лекин Қуръони карим ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали бирор нарса айтилмагани, бошқа бирор ишончли илмий далил бўлмагани учун Қуръон ибораси билан кифояланиб, Аллоҳ ўша кишини «китобдан илми бор» деб айтибди, у ёғини Ўзи билади, дейиш тўғри бўлади. Баъзи уламолар «Китобдан илми бор киши» Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзлари», ҳам дейишган. Аммо шундай бўлганида, унинг исми оятда зикр қилинар эди. Зикр қилинмабдими, демак, у бошқа бир шахс бўлади. Хулласи калом, ифритдан кейин «китобдан илми бор киши» Сулаймон алайҳис-саломга: “Мен ифритга ўхшаб гапни чўзмай, маликанинг тахтини кўз очиб-юмгунингча келтираман», деди». Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломни қўлидан шунчалик катта ишлар келадиганларга ҳам лашкарбоши қилиб қўйган экан. Маликанинг тахти ўз ҳузурига бир зумда келтирилганини кўрган Сулаймон алайҳиссалом: “Бу нарса Парвардигоримнинг фазлидандир”, деди.
Аллоҳ таоло баъзи бандаларига Ўз фазлидан бирор неъмат берадиган бўлса, унда синов ҳам бўлади: «Қани, банда бу неъматга шукр қиладими ё ношукр бўладими?» Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, бундай неъматларга шукр ёки куфрони неъмат қилишнинг Аллоҳга ҳеч қандай фойда-зарари йўқ, нима бўлса ҳам банданинг ўзига бўлади. Шукр қилган савоб олади. Аллоҳ унга берадиган неъматларини янада зиёда қилади. Ношукрлик қилган одам эса гуноҳкор бўлади ва Аллоҳ унга берадиган неъматларини узиб қўяди. Бандасининг шукр қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ, у карамли Зотдир. У неъматларини Ўз карами билан беради, шукр учун эмас.
Банданинг илми, маърифати ошгани, тавозуъси, амали зиёдалашгани сари Аллоҳдан қўрқуви ошса, умри узайгани сари дунёга ҳирси камайса, моли кўпайгани сари саҳовати ортса, мавқеъ-мартабаси ўсгани сайин одамларга яқинроқ бўлиши, уларнинг ҳожатларини раво қилиши, уларга нисбатан камтарлиги ошса, бу саодатга эришгани ва нажот топгани аломатидир. Банданинг илми зиёдалашгани сайин кибри ва манмансираши ортса, амали кўпайгани сари бундан фахрланиши, бошқаларни камситиши, ўзи ҳақида эса яхши фикрда бўлиши кучайса, умри узайгани сари дунёга ҳирси ортиб борса, моли кўпайгани сари хасислиги зиёда бўлса, мавқеъ-мартабаси ўсгани сари кибри кўтарилса, бу ҳолат бадбахтликнинг аломатидир. Буларнинг бари Аллоҳ таоло томонидан бир синов, бандаси учун бир имтиҳондир. Кимдир бу синов туфайли икки дунё саодатини қўлга киритса, кимлардир дунё ва охиратда шармандадир.
Сабаъ маликаси яқинлашиб келаётганида Сулаймон алайҳисса-лом яна бир чора кўришга қарор қилди.
41. У айтди: «Унинг тахтини танимайдиган қилиб-ўзгартириб қўйинглар. Кўрайлик-чи, у танирмикан ёки танимайдиганлардан бўлармикин?».
Малика етиб келгунича унинг тахти ҳам Сабаъ шаҳридан Қуддусга келтириб қўйилди. Кейин Сулаймон алайҳиссалом Сабаъ маликаси Билқиснинг ақл-заковати ва фаҳм-фаросатини имтиҳон қилишни ўйлаб, шундай амр қилди: “Унинг тахтини ўзи танимайдиган қилиб ўзгартириб қўйинглар. У таний оладими-йўқми, синаб кўрамиз. Шунда унинг тахти ўзгартириб қўйилди.
42. У келгач: «Сенинг тахтинг шундаймиди?» дейилди. У: «Худди ўшанинг ўзи», деди. «Бизга бундан илгари илм берилиб, мусулмон бўлганмиз».
Малика етиб келгач, Сулаймон алайҳиссалом ундан: “Тахтинг шундаймиди?” деб сўради. Сабаъ маликаси тахтни кўриб, ўзиникига ўхшатдию иккиланиб қолди. “Меники” дейдиган бўлса, Сабаъда қолган тахти ўзидан олдин қандай қилиб бу ерда пайдо бўлади? “Меники эмас” дейдиган бўлса, ўзиникидан ҳеч фарқи йўқ. Шунинг учун ҳар томонга буриб юборса бўладиган қилиб, “Худди ўшанинг ўзи!” деб жавоб қилди. Бу маликанинг ақл-фаросат ва заковатда анча устун бўлганини кўрсатиб турарди. Ояти каримадаги «Бизга бундан илгари илм берилган эди ва мусулмон бўлган эдик» деган жумлани баъзи муфассирлар Сабаъ маликасига нисбат беришса, бошқалари “Сулаймон алайҳиссаломга тегишли” дейишади.
43. Уни эса Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаси тўсгандир, чунки у кофир қавмлардан эди.
Сабаъ маликаси ва қавмининг Аллоҳ яратган осмон жисмларидан қуёшга сиғиниб юриши Аллоҳ таолога имон келтириб, Унгагина ибодат қилишдан тўсиб қўйган эди. Аллоҳни қўйиб, Ундан бошқа нарсаларга сиғиниб юрганлар кофир саналадилар. Демак, қавмнинг малика бошлиқ барча одамлари ҳам имонга келмай, куфрда юришган эди. Аллоҳ бу қавмга ҳидоятни раво кўрган экан, улар Сулаймон алайҳиссалом воситасида имон билан шарафланишди.
44. Унга: «Саройга кир», дейилди. Уни кўрганида сув деб ўйлаб, оёқларини очди. У: «Бу биллурдан ясалган шаффоф саройдир», деди. У: «Парвардигорим, мен ўзимга зулм қилиб юрган эканман, Сулаймон билан бирга оламларнинг Парвардигори - Аллоҳга таслим бўлдим!» деди.
Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳга имон келтиришга олдин сиғинаётган нарсаси тўсиқ бўлиб турган Сабаъ маликасига бирин-кетин Аллоҳ ато этган мўъжизаларни кўрсатишда давом этади. Унинг тахтини Сабаъдан келтириб қўйган Сулаймон алайҳиссалом маликани ўз саройига киришга таклиф этиб, “Саройга кир!” дейилди. У ялтираб турган саройга кириб, қаршисидаги нарсани сув деб ўйлади ва кийимлари ҳўл бўлмаслиги учун пойчаларини очди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом маликанинг тараддудланиб қолганини кўриб, “Бу биллурдан ясалган шаффоф сарой, сув ҳавзаси эмас”, деди. Яъни, «Сарой олдидаги майдон ҳам биллурдан ясалган, жуда силлиқ ва шаффоф, уни сув деб ўйлаб, кийимингни кўтарма». Ана шунда малика рўй бераётган ҳодисалар оддий эмаслигига, балки Аллоҳ юборган пайғамбарнинг мўъжизалари эканига ишонч ҳосил қилди. Аллоҳ таолонинг кудратига тан бериб, шундай деди: “Эй Парвардигорим, дарҳақиқат, мен куёшга сиғиниш билан ўз жонимга жабр қилибман. Энди Сулаймон алайҳиссаломнинг Парвардигорига, бутун оламларнинг эгаси Аллоҳга бўйсундим”, деб тавба қилди ва ҳақ динни тан олди. Сулаймон алайҳиссалом ҳузурида Аллоҳга имон келтирди. Сулаймон алайҳиссалом уни ўз юртида маликаликда қолдирди. Бир юртнинг ҳукмдори бўлатуриб, қўлида ҳукмронлик, беҳисоб лашкари, чексиз мол-мулки бўлса ҳам кибру ҳавога кетмай, ақл-заковатини ишлатиб, ҳақиқатни тан олган, Аллоҳга имон келтириб, ҳаққа таслим бўлган бу аёлнинг - Сабаъ мамлакати маликасининг бу олийжаноб иши барчага ибрат бўларлидир.
Келгуси ояти каримадан бошлаб Солиҳ алайҳиссалом ва у пайғамбар қилиб юборилган Самуд қавмининг қиссаси бошланади:
45. Дарҳақиқат, «Аллоҳга ибодат қилинглар» деб Самуд қавмига биродарлари Солиҳни юбордик. Лекин улар тортишувчи икки гуруҳ бўлиб олишди.
Аллоҳ таоло пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломни у мансуб бўлган қавм ичига “Аллоҳга ибодат қилинглар” деб буюриш, Ўз ваҳдониятини ёйиш, уларни куфр, фисқ ва исён йўлидан қайтариш учун юборди. Олдинги сураларда айтилганидек, насаби Нуҳ алайҳисса-ломга бориб тақаладиган Солиҳ алайҳиссалом Самуд қабиласига пайғамбар қилиб юборилган. Ушбу қабиланинг номи Солиҳ алай-ҳиссаломнинг бобоси Самуд ибн Обир номи билан аталган. Солиҳ алайҳиссалом тарғиб қила бошлаган “Аллоҳга ибодат қилинглар” шиори дунёда фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси ва илоҳий дастури асосида яшашни ҳамда ибодат қилишни англатади. Аммо Самуд қавми Аллоҳнинг пайғамбаридан мазкур илоҳий шиорни эшитганида, унга “лаббай” деб жавоб бериш ўрнига икки гуруҳга бўлиниб олиб, тортишув-мужодалани бошлаб юборишди. Солиҳ алайҳисса-лом башорат бериш ва огоҳлантириш учун юборилганда тўсатдан қавм бир-бири билан талашиб-тортишиб кетди ва оқибатда икки гуруҳга бўлиниб олди: бири Солиҳ алайҳиссалом билан бирга имон келтирган оз сонли мўминлар эди; иккинчиси - Солиҳ алайҳисса-ломга куфр келтирган кимсалар бўлиб, улар кўпчиликни ташкил қиларди. Бу икки гуруҳ ўртасидаги хусуматни Аллоҳ таоло шундай баён этади: “Қавмнинг мутакаббир сардорлари имон келтирган бечораларга: «Солиҳни Парвардигори пайғамбар крлиб юборган деб ўйлаяпсизларми?» дейишди. Улар: «У оркрли юборилган нарсага албатта имон келтирамиз», дейишди. Мутакаббирлар: «Сизлар имон келтирган нарсани инкор крламиз», дейишди” (Аъроф, 75-76).
46. У: «Эй қавмим, нима учун яхшиликдан олдин ёмонликка ошиқасизлар? Сизларга раҳм қилиниши учун Аллоҳдан мағфират сўрамайсизларми?» деди.
Солиҳ алайҳиссалом ўз қавмини ҳар сафар ҳақ динга даъват қилганда қавм ундан юз ўгирди, имондан куфрни афзал билди, Аллоҳга тавба қилиш ўрнига такаббурлик йўлини тутди. Қавми азият етказиб, қаршилик кўрсатса ҳам тушкунликка тушмаган Солиҳ алай-ҳиссалом уларга берилган неъматлар ким томонидан ато қилинганини эслатиб, уларни мағфиратга чорлади: «Эй қавмим, нима учун ҳидоятнинг эмас, азобнинг тезроқ келишини сўрайсизлар? Ўзингизга азоб сўраш ўрнига Аллоҳдан гуноҳларингизни кечиришини тиласангиз бўлмайдими? Ана шунда шояд, гуноҳингиз кечирилиб, Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлсангиз». Аммо осий қавмда пайғамбарнинг насиҳатига амал қилиш, Аллоҳга истиғфор айтиб, раҳматини сўраш нияти йўқ эди.
47. Улар: «Сени ва сен билан бўлганларнинг шумқадамлигидан деб билдик», дейишди. У: «Шумланишингиз Аллоҳ ҳузуридадир. Аслида сизлар синалаётган қавмдирсиз», деди.
Жоҳил қавм айтяптики, эй Солиҳ, сенинг ва сенга эргашган мўминларнинг орамизда бўлиши бизларга малол келяпти. Сизлар туфайли бошимизга ёмонлик ва бахтсизликлар ёпирилиб келяпти, қаҳатчилик, машаққат ва фақирликка дучор бўлдик. Буларнинг ҳаммасини сенинг шумқадамлигингдан деб биляпмиз. Ояти каримадаги “тойяр” сўзи луғатда “қуш, қуч учириш” маъноларини билдирса-да, истилоҳда “шумланиш”ни англатади. Ўша пайтларда мушриклар бирор иш қилмоқчи бўлишса, ундан олдин фол очиш мақсадида қуш учириб кўришарди. Агар қуш ўнг томонига учса, хурсанд бўлар ва ўша ишни бошлар, бордию қуш чап томонига учса, шумқадамлик деб ўйлар, хафа бўлиб шумланишар ва ўша ишни қилишмас эди. Кейинчалик бу ибора қуш учирилмаса ҳам, бирор нарсанинг шумқадамлигини англатиш учун ишлатиладиган бўлиб кетган. Самуд қавми ҳам ўзларига «Аллоҳга ибодат қилинг» шиорини олиб келган, уларни Аллоҳга истиғфор айтишга, Унинг раҳматини сўрашга чақирган пайғамбарлари Солиҳ алайҳиссаломдан шумланганларини айтишди. Ўзи имонсиз бўлган қавм ҳамма нарсадан шумланар, шу каби Солиҳ алайҳиссаломни ҳам шумқадам деб ўйлар эди. Мушриклар Аллоҳнинг пайғамбари ва имонлик кишилардан шумланиш ўрнига ўз ҳолатлари ҳақида, бирор банда, ҳатто пайғамбар бўлса ҳам, ҳеч кимга ёмонлик ва яхшиликни келтиришга қодир бўла олмайди. Бу ишларнинг эгаси Аллоҳгина ҳамма нарсага, инсонларга яхшилик ё ёмонлик етказишга, бандаларини қилмишларига қараб мукофотлашга ё жазолашга қодирдир. Шунинг учун ҳам Солиҳ алайҳиссалом қавмига бу ҳақиқатни англатмоқчи бўлиб: «Шумланишингиз Аллоҳ ҳузуридадир. Аслида сизлар синалаётган қавмдирсиз», деди. Яъни «Бирор нарсадан шумланаётган бўлсангиз, ўша шумланишингизнинг сабаби Аллоҳнинг ҳу-зуридадир. Бундай ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Менинг ҳам, мен билан бирга бўлган мўминларнинг ҳам бунга дахли йўқ. Эҳтимол, бошингизга келаётган нарсалар синов учундир. Яхшилик етганда шукр қиласизларми-йўқми, ёмон-лик келганда сабр қиласизларми-йўқми, бу албатта имтиҳон қилиб кўрилади», деди.
48. У шаҳарда ўзини ўнгламай Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз киши бор эди.
Солиҳ алайҳиссалом яшаб турган Ҳижр ўлкасида тўққиз кишилик бир гуруҳ бўлиб, ўша гуруҳ аъзолари бузғунчилик, фасод ишлар билан шуғулланишар, яхшиликка, ахлоқсизликларни тузатишга қўл ҳам уришмас эди. Ана шу тўққиз кишилик бузғунчи гуруҳ ўзларини имонга ва ислоҳга чақираётган Солиҳ алайҳис-саломдан энг кўп дарғазаб бўлди. Ўз жиноятлари билан шаҳар аҳолисини қўрқитиб олган мазкур уюшган жиноятчилар ўзларининг барча ҳамкасбларига ўхшаб, шаҳарнинг каттаю кичик ҳар бир ишига аралашиб турар эди. Солиҳ алайҳиссаломнинг гаплари чиққанидан сўнг улар масалани ўзларича ҳал қилишга ўтишди.
49. Улар Аллоҳ номига қасам ичиб айтишди: “Уни ва унинг аҳлини тунда ўлдирамиз, сўнгра валийсига: «Биз унинг аҳли ҳалокатига гувоҳ эмасмиз, биз ростгўйлармиз», деймиз».
Ўша бузғунчи гуруҳ бир-бирларига: “Аллоҳга қасамки, биз Солиҳни ва унинг аҳлини йўқ қилиб юборамиз” деб онт ичишди. Улар ҳеч ким билмаслиги учун тунда қўққисдан ҳужум қилмоқчи бўлишади. Оятдаги “валий” деган сўздан Солиҳ алайҳиссаломнинг хунини талаб қилиши мумкин бўлган қариндошлари тушунилади. Бундан маълум бўладики, ўша тўққиз бузғунчи Солиҳ алайҳиссаломга қариндошлари ёрдам беришидан қўрқиб, “Биз унинг аҳли ҳалокатига гувоҳ бўлмаганмиз, бизлар рост айтяпмиз” деган баҳонани тайёрлаб қўйишади. Ҳамма замонларда ҳам бузғунчи, зўравон, жиноятчи, имонсиз гуруҳларнинг услуби шундай бўлиб келган: ўз йўлларига қарши чиққан, кишиларни фисқ-фасод ва ёмонликлардан қайтараётган, халойиққа бузғунчилик, қаллоблик, ҳаром-хариш нималигини англатиб, уларнинг кўзини очаётган кишиларга зуғум-зўрлик қилишади, суиқасдлар уюштиришади, кечаси хоинларча беркиниб келиб ўлдиришади ёки бошқа бирор зарар етказиб кетишади. Кейин мазлумнинг тарафдорларига: «Билмадик, бу ишни ким қилди экан», дея без бўлиб туришаверади. Солиҳ алайҳиссаломнинг илоҳий даъвати ёқмаган кофир-бузғунчи, тўққиз кишилик жиноятчи гуруҳ ҳам худди шу услубни қўллаш ҳақида маслаҳат қилди. Ажабланарли жойи шундаки, ўша жиноятчи гуруҳ қабиҳ ишлари йўлида Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб қасам ичишди, яъни бу ишни аниқ қилмоқчи бўлишди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло уларнинг ҳар қандай макр-ҳийлаларидан пок ва беҳожатдир. Лекин иш бузғунчилар кутганидан бошқача чиқди: улар макр қилишган эди, Аллоҳ ҳам уларнинг қабиҳ ҳийлаларини ўзларига қайтариб, барчаларини ҳалок қилди. Ҳа, бу макр ва алдамчилик бузғунчиларнинг қон-қонига сингиб кетган иллатдир. Улар шу йўл билан Аллоҳни ҳам, одам-ларни ҳам, ўзларини ҳам алдамоқчи бўлишади. Лекин уларнинг бу ҳийла-алдовларига ўзларидан бошқа ҳеч ким ишонмайди. Бу тоифадаги бузғунчилар Аллоҳнинг номи билан ҳам қасам ичаверади, Аллоҳ, дин, шариат ҳақида, уларга ихлос қилиш зарурлиги хусусида лоф ураверади. Шу билан бирга, Солиҳ алайҳиссаломни ва у кишига уммат бўлганларни кечаси ўлдиришнинг режасини ҳам тузаверади. Яна, бу режани амалга оширишда бирортаси айниб қолмаслиги учун, Аллоҳнинг номи билан қасам ҳам ичади.
50. Улар макрларини қилишди, Биз ҳам улар сезмаган ҳолда «макр» қилдик.
Ўша кофир ва бузғунчи гуруҳнинг Солиҳ алайҳиссалом ҳамда унинг аҳлини йўқ қилишга қасам ичиши катта макр экани кўриниб турибди. Аллоҳ таоло ҳам ўз “макр”ини, яъни тадбирини ишлатиб, имон келтирганларни бу макрдан асраб қолди ва уларга нажот берди. Кофир-бузғунчилар ўзларича маслаҳатлашиб, макр-ҳийла билан устомонлик қилмоқчи бўлишди, аммо Аллоҳ улар қилган макрнинг жазосини берди. «Макр» луғатда «махфий суратда нозик бир тадбир қилиш» маъносини билдиради. Бу истилоҳдаги «макр» лафзи мажозий маънода келган. Муфассирларнинг ёзишларича, Қуръони каримнинг бир неча оятларида мушрик ва осийларга қарата зикр этилган бу «макр» Аллоҳнинг қудрати, ғазаби ва азобига ишорадир. Ислом ақидасига кўра, макр-ҳийлани Аллоҳ таолога нисбат берилмайди. Намл сурасидаги ушбу оят ва шунга ўхшаш бошқа оятларда араб тилининг балоғат-фасоҳат қоидаларидан «мушокала» усули қўлланган, яъни бунда лафзларнинг шакли бир хил-у, маъноси бошқа-бошқа бўлади. Оятларда «макр» сўзи бузғунчиларга нисбатан асл маъносида, Аллоҳ таолога нисбатан эса макрнинг жазосини бериш маъносида ишлатилади.
51. Макрларининг оқибати нима бўлганини кўринг: Биз уларни ва қавмларини - барчаларини яксон қилдик.
Хиёнаткор тўда Аллоҳнинг ҳикматли тадбирини сезмай қолди, солиҳ бандаларнинг қай тарзда макрдан сақланганларини билолмай қолишди. Ушбу оятда бузғунчиларнинг макрлари нима билан тугагани зикр қилинмоқда. Уларнинг макри бошларига етди: Аллоҳ Ўзининг илоҳий тадбирини қўллади, барчаларини ер юзидан йўқ қилиб юборди. Аллоҳнинг динига қарши бўлган, бузғунчилик қилган, имон аҳлига зулм ўтказган одамлар қанчалик кучли ва тадбирли бўлмасин, қанчалик макр-ҳийлага ўрганган бўлмасин, барибир, охир-оқибатда ҳалокатга учрашлари муқаррардир.
52. Ана, зулмлари сабабли уйлари ҳувиллаб ётибди! Бунда биладиган қавм учун албатта ибрат бордир.
Хорижий ўлкаларга саёҳатга борган кишиларнинг бир вақтлар гуллаб-яшнаган шаҳарларнинг харобаларига кўзлари тушган бўлса керак. Маҳобатли қасрларнинг, муҳташам уйларнинг, баҳайбат биноларнинг томи йўқ, фақат устунларигина сақланганини ёки улардан нишона сифатида маълум бир қисми қолганини кўришган. Зулмнинг оқибати ҳамиша шундай бўлади: Бир куни келиб, золимлар ҳалокатга учрайди. Уларнинг ҳашаматли қасрлари, уйлари, турар жойлари вайронага айланиб, ҳувиллаб қолади. Ана шу золимларнинг аянчли қисматида улардан кейин келганлар учун, агар улар англаб-биладиган қавмлар бўлса, қанчалаб ибрат, ваъз-насиҳат ва эслатмалар бор. Аммо билмайдиган, жоҳил қавмлардан бўлса, улар яна айнан ўша ҳалокатга учраган золимларнинг хатосини такрорлайверади ва оқи-батда ўша золимларга ўхшаб, ҳалокатга йўлиқаверади.
53. Имон келтириб, тақволи бўлганларга эса нажот бердик.
Яъни, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтяптики, олдин ўтган мўмин ва тақводорларга нажот берганимиздек, Солиҳ қавмининг ҳам мўмин ва тақводорларига нажот бердик. Улардан кейин келадиган мўмин ва тақводорларга ҳам нажот берамиз. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога бандаликнинг аввали У Зотга имон келтириш бўлса, ундан кейингиси У Зотдан қўрқиш, яъни тақво қилишдир. Бундан кўриниб турибдики, тақводор бўлишни истаган банда энг аввало имонли бўлиши керак. Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишониши ва буни тасдиқлаши керак экан. Тақводорлар яна Аллоҳгагина ибодат қилишлари, бандага қулликдан халос бўлиб, ягона Илоҳга бандалик қилишга ўтишлари, намоз ва бошқа ибодатлар орқали Парвардигорларига боғланишлари керак бўлади. Шундан кейин банда учун энг муҳим нарсалардан бири тақводир. Тақво Аллоҳдан, Унинг азобидан ва ғазабидан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғон, ғийбат, бўҳтон, беҳуда сўзлардан тияди, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлади. Аллоҳдан қўрққан киши қалбини ҳасад, кўролмаслик, душманлик, хусумат каби иллатлардан фориғ этади. У кўзини ҳаромдан асрайди, дунёга ҳирс эмас, ибрат назари ила боқади. У меъдасини шубҳали ва ҳаром нарса билан тўлдирмайди. Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди. Исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун Унга итоат этади, риё, иккиюзламачиликдан сақланади. Солиҳ алайҳиссалом қавмининг тақводорларига нажот берган Аллоҳ азза ва жалла қиёматгача мўмин ва тақволи бандаларига нажот беришни ваъда қиляпти.
Бундан кейинги оятлар Лут қавмининг қиссасини зикр қилади:
54. Лутни ҳам (эсланг). Ўшанда у қавмига айтди: «Сизлар кўра-била туриб, фаҳш иш қиласизларми?!
Аллоҳ таоло Лут алайҳиссалом қиссасини баён этар экан, инсонларга шундай хитоб қилади: “Эй оқил инсон, қавмини ҳидоятга чақириши учун Биз Лутни ўз қавмига пайғамбар қилиб юборганимизни эслагин. У амримизга кўра қавмини ҳидоятга чақирди, бузуқликлардан қайтарди, уларга мурожаат қилиб, маломат ва танбеҳ бериш маъносида шундай деган деди: “Эй қавм, сизлар ҳозиргача Ер юзида бирорта одам боласи қилмаган фаҳш ишларни қиляпсизларми? Ахир, ўз кўзингиз билан кўриб, ақлларингиз билан тушуниб турибсизларки, бу ишни қилиш эсли-ҳушли, оқил инсонга асло муносиб эмас! Ҳатто тилсиз, онгсиз ҳайвонлар ҳам сизлар қилаётган бузуқликларни қилмайди-ку!” Маълумки, Бу жиноятчи қавмнинг “фаҳш иши” бесоқолбозлик эди, Лут қавми инсоният тарихидаги энг жирканч, қабиҳ бузуқлик бўлмиш фаҳш ишга мубтало эди. Улар Аллоҳ ҳалол қилган аёлларни қўйиб, эркаклар билан жинсий алоқа қилишга одатланган эди.
55. Сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват билан яқинлик қиласизларми?! Ҳа, сизлар жоҳил қавмдирсиз!»
Ушбу сурада Лут алайҳиссаломнинг қиссасидан ушбу суранинг сиёқига мос равишда пайғамбарнинг ўз қавми билан фақат уларнинг фаҳш иши ҳақидаги тортишувлари зикр этилмоқда, холос. Аллоҳ пайғамбар қилиб юборган Лут алайҳиссалом қавмга қараб шундай деди: “Аллоҳ шаҳватларингизни аёллар билан қондиришни жорий қилган бўлса-да, бунга қониқмай Аллоҳ белгилаб қўйган чегаралардан чиқиб кетдинглар-ку! Сизлар аёллар турганида эркакларга шаҳват билан яқинлик қиласизларми? Ахир бу жирканч иш инсонларга номуносиб бўлган бузуқлик-ку, ҳатто ҳайвонлар ҳам қилмайдиган расволик-ку! Бундан ҳам ортиқ жоҳиллик, қабоҳат, маънавий кўрлик бўладими?!”
Аллоҳ таоло дунёдаги барча жонзотни, махлуқот ва ҳайвонларни бир-бирига боғлиқ, бир-бирига муносиб, бир-биридан манфаат оладиган қилиб яратган. Шу жумладан, инсонларда жинсий алоқа масаласини эркак ва аёлга боғлаб қўйган. Ҳақиқий жинсий алоқа, лаззат, ундан келадиган самара - фарзанд ана ўша табиий алоқа орқали вужудга келади. Бесоқолбозлик, баччабозлик эса тамоман бунинг зиддидир. Шунинг учун ҳам бу ишга фақат инсонийлик табиатидан чиққанларгина мубтало бўладилар. Улар ўз қилмишларининг инсон табиатига зид эканини яхши биладилар. Аммо кўриб-билиб туриб ҳам яна қилаверадилар. Лут қавми ҳозирги Иорданиянинг (Урдун) ўша пайтдаги Садум деб номланган ерларида яшаб ўтган дунёдаги энг фожир ва кофир қавмлардан бири ҳисобланади. Улар инсоният тарихида мисли кўрилмаган катта гуноҳни бошлаганлардир, бу ҳам бўлса, эркак кишиларнинг бир-бирлари билан жинсий алоқа қилишларидир. Улар бу фаҳш ишлари билан фахрланар эдилар. Аллоҳ таоло уларни бу мункар ишдан қайтариш, ҳидоятга бошлаш учун Лут алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Аммо жинояткор қавм Аллоҳнинг элчисини ёлғончига чиқарди ва ўз диёридан чиқариб юборишга ҳаракат қилди...
Лут қавмининг разил ишлари ва охири унинг Аллоҳ ғазабига учраб, ҳалокат қилингани тарихи олдинги суралар тафсирида батафсил баён қилинган. Ҳозирда бесоқолбозлик, баччабозлик арабларда «ливота» деб номланади. Бу ишдан жирканиш шунчалик зўрки, унинг номини айтишга ҳам тил бормайди, кўпинча «Лут қавмининг ишини қилибди» деб қўйишади. Чиндан ҳам бу энг ёмон фаҳш иш ҳисобланади, чунки бу иш билан машғул бўлганлар инсонлик табиатидан чиқиб кетган бўлади. Эркак билан аёлнинг қўшилишидан ҳаёт давом этади, эркак билан эркак қўшилса, бунинг тескариси бўлади. Шунинг учун ҳам барча шариатлар бу ишни ҳаром қилган. Пок инсоний табиат бу нарсани ҳеч қачон қабул қилмайди. Шунинг учун ҳам Лут қавми ер юзидан бутунлай йўқ қилиб юборилган. Ҳозирги кунда инсониятга оммавий қирғин даҳшатини солиб турган инсондаги касалликларга қарши курашиш қобилиятининг йўқолиши касаллиги (ОИТС) ҳам эркакларнинг эркаклар билан қўшили-шидан келиб чиққани, шу иш билан машғул бўлувчилар орасида тез тарқалиши бежизга эмас. Энг ачинарлиси, дунёнинг айрим мамлакатларида Аллоҳ ҳаром қилган бу ишни тақиқлаш ўрнига унга кенг йўл очиб бериш ҳолатлари кузатилмоқда, ҳатто бир жинсдаги кишиларнинг ўзаро никоҳланишларига қонуний тус берилмоқда.
56. Қавмининг жавоби эса: «Лут аҳлини шаҳрингиздан чиқаринглар, чунки улар ўзларини жуда пок тутадиганлардир» дейиш бўлди.
Пайғамбарлик вазифасини бажариш учун Лут алайҳиссалом уларни бу нопок, чиркин ишдан қайтариб, Аллоҳга ибодат қилишга чақирганида шаҳвати ақли устидан ғолиб чиққан қавм буни хушламади. Жоҳиллигига бориб, пайғамбарга итоат қилиш ўрнига покликни масхаралаш, покиза одамларни камситиш йўлига ўтди. Ифлослик покликни асло қабул қилмаслиги туфайли ўзларини дунёда ҳеч ким қилмаган ифлосликдан қайтариб, инсон номига доғ туширмасликка чорлаган Аллоҳнинг пайғамбари Лут алайҳиссаломни ва у кишига эргашган мўминларни айнан покликлари учун шаҳардан ҳайдаб чиқармоқчи бўлишди. Уларнинг “шаҳрингиздан чиқаринглар” дейишларига сабаб шуки, бу мутакаббир ва фожир қавм ўзлари яшаб турган Садум шаҳрининг Лут ва мўминларга тегишли жойи йўқ деб даъво қиларди. Уларнинг ушбу сўзидан “У фақат бизларнинг шаҳримиз, унда нимани хоҳласак, шуни қиламиз, шундай бўлгач, сизларга халақит бераётган Лут ва унинг тобеъларини шаҳрингиздан қувиб чиқаринглар!” деган маъно келиб чиқади. Қавмнинг бу сўзларни айтишига сабаб, уларнинг ақллари кўр, шайтон уларни тўла жиловлаб олган, нопок ишларни зийнатлаб-чиройли кўрсатиб қўйган эди. Қавм ақлини юрғизмагани учун иблиснинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолди.
57. Кейин Биз унга ва аҳлига нажот бердик, фақат хотинини ҳалок бўлувчилардан қилдик.
Жоҳил қавм ҳидоятга келмагач, ўзини ўнглайвермагач, Аллоҳ таоло уларнинг устидан Ўзининг қатъий ҳукмини чиқарди. Лут алай-ҳиссалом қавми устига ҳалокатли жазосини юборишни ирода қилди, фақат Лут алайҳиссалом ва унга эргашган мўминларгина Аллоҳнинг азобидан омонда қолишди. Аллоҳ нажот берган Лут тобеълари орасидан унинг хотини истисно қилинишининг сабаби шунда эдики, Лутнинг хотини қавмнинг ифлос ишларига гуноҳ санамай хайри-хоҳлик кўрсатар, уларни бу қабиҳ ишга руҳлантирарди. Шу тариқа пайғамбар бошлиқ мўминлар нажот топишди, кофирлар эса азобда қолишди. Ҳатто золимлардан бирининг пайғамбарга хотин экани ҳам жазодан қутқариб қола олмади. Чунки диндаги ўлчовлар наслу насабга, яқин қариндошликка боғлиқ эмас, ҳар бир банда қилмишига яраша жазо ёки савоб олади.
58. Ва улар устига ёмғир ёғдирдик, шунда огоҳлантирилганларнинг ёмғири нақадар ёмон бўлди!
Бесоқолбозлик гуноҳига ғарқ бўлган жиноятчи Лут қавмининг устига Аллоҳнинг балоси келди, уларнинг шаҳрига тош ёмғири ёғдирилиб, барчалари ҳалок бўлишди. Шаҳар ер юзидан батамом йўқ қилиб юборилди. Қаттиқ огоҳлантиришларга қарамай, ифлос жиноятини давом эттираверганларнинг оқибати ана шундай аянчли бўлади. Шу тариқа қавм ўзининг куфру исёни сабаби шундай оғир кулфатга йўлиқди. Бунда оқил инсонлар учун етарли ибрат бор: ким имондан куфрни, юксак ахлоқ-одобдан разил ва фаҳш ишларни устун қўяр экан, унинг тақдири ҳам Лут алайҳиссалом қавминики каби якун топади.
Шу ерга келиб, олдин ўтган пайғамбарлар ва уларнинг умматлари ҳақидаги қиссалар ниҳоясига етди. Мусо, Довуд, Сулаймон, Солиҳ ва Лут алайҳимуссаломнинг қиссаларидан кейин суранинг аввалида келган мавзуга қайтилади. Яна ақида масаласига, Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи мўъжиза ва жараёнларга эътибор тортилади, турли масалалар муолажа этилади. Аввало, охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай хитоб қилинади:
59. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳга ҳамд ва Унинг танлаб олган бандаларига салом бўлсин! Аллоҳ яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?»;
Ушбу сураи кариманинг қуйидаги оятларида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга мушриклардан бешта саволга жавоб беришларини сўраш буюриляпти. Шулардан биринчиси Аллоҳ яхшими ёки мушриклар ширк келтираётган ўша ожиз ва ночор “илоҳ”ларми? Бу саволлар уларга ваҳцоният асосларини мустаҳкамлаш, ширкнинг асоссизлигини исботлаш учун берилмокда. Аллоҳ таоло ушбу оят орқали Ўзининг севикли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир гапни бошлашдан олдин айтиш лозим бўлган муборак сўзларни ўргатмокда: яъни “Алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин) дейишни буюрмокда. Демак, ҳар бир каломнинг боши шу сўзлар бўлиши керак. Аллоҳ таолога ҳамд-мақтов айтиш Унга яқинлашиш, Унинг неъмат ва атоларини эътироф этиш, Унга бандаликни изҳор қилишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, деганлар. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўзларнинг Аллоҳтаолога энгяхшиси тўрттадир: «Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, вала илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар».Уларнинг қай-си биридан бошласанг, зарари йўқ», деганлар (Муслим ривояти); Абу Зарр розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Аллоҳтаолога энг маҳбуб бўлган сўзни айтайми? Аллоҳ таоло учун сўзларнинг энг яхшиси «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деб айтишингдир», дедилар (Муслим ривояти).
Сўнгра Аллоҳ таоло Ўзининг танлаб олган бандаларига, танлаб олиб, пайғамбар қилиб жўнатган бандаларига салавот ва салом айтишни буюрмоқда. Расули акрамга эргашиш Аллоҳтаолога итоат этишдир. Бизнинг йўлимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш йўлидир. Имон тақозоси - Аллоҳ таолога ва Унинг элчисига итоатдир. Пайғамбаримизнинг исмларини тилга олганимиз заҳоти салавот айтиб улуғлаш керак. Чунки Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг Ўзи олдин салавот айтган, сўнгра фаришталарига буюрган, шундан кейин мўминларга у зотга салавот йўллашни амр этди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ибодатдир. Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломнинг жуда кўп ҳадиси шарифлари бор. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўзларининг бир неча исмларини айтар эдилар: «Мен Муҳаммадман, Аҳмадман, Муқаффийман, Ҳоширман, Набийют-тавбаман, Набийюр-роҳ-маман», дер эдилар» (Муслим ривояти); Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади», деганлар (Муслим ривояти); Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни менга энг яқин бўладиган кишилар менга кўп салавот айтадиганлардир», деганлар (Термизий ривояти); Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг ҳузурида зикр қилинсаму, менга салавот айтмаса, ана шу киши бахилдир», деганлар (Термизий ривояти).
60. ёки осмонлару Ерни яратган, сизларга осмондан сув туширган ва унинг ёрдамида гўзал боғлар ўстирган Зотми? Сизларда уларнинг дарахтларини ўстириш имкони йўқ эди. Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, улар тенглаштирадиган қавмдирлар;
Аллоҳга турли сохта “илоҳ”ларни шерик қилаётган ўша мушрик-лардан сўраб кўринг-чи, уларнинг Аллоҳга шерик қилаётган нарсалари яхшими ёки осмонлару Ерни яратган, сизларга осмондан сув туширган ва унинг ёрдамида гўзал боғларни ўстириб қўйган Зотми?
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло Ўз бандаларига хитоб қилиб айтяптики, инсонлар атрофларига ибрат назари билан боқишсин. Бу бепоён, охири кўринмайдиган осмонларни ким яратиб, уларга қуёш, ой ва юлдузларни ўрнаштириб қўйган. Нега улар жойидан силжиб кетмайди ёки ҳаракатда адашиб қолмайди? Бу улкан жисмларни осмон бўшлиғида ким ушлаб турибди? Бунга бирор махлуқнинг, инсон ва жинларнинг, ҳатто ўша мушриклар сиғинаётган сохта “илоҳ”ларнинг кучи, имконияти етармикин? Буни бутун дунё аҳли тушуниб етган, ҳатто ўша мушрикларнинг ўзлари ҳам тан олишади. У ҳолда улар нега ана шундай қудрат соҳиби Аллоҳ таолога имон келтиришмайди, Унинг амр-фармонларига итоатсизлик кўрсатишади? Худди шу каби мушриклар сиғинаётган нарсалар осмондан ёғин ёғдиришга, унинг ёрдамида турли набототларни ундира олармикин? Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зотнинг хоҳлаганида осмондан сув тушириш ёки битта гиёҳни ундириш қўлидан келмайди. Қуръони каримнинг бошқа бир сурасида мушрикларнинг ўзлари ҳам бунга иқрор бўлишгани келтирилади. Бирор нарсани, ҳатто битта чивинни ҳам ярата олмайдиган сохта “илоҳ”лар қаёқда-ю, осмонлару Ерни яратган қодир Аллоҳ қаёқда!
Ҳақиқатан, барчаларимиз атрофимизда содир бўлаётган табиий жараёнларга кўпда эътибор бермаймиз. Дарахтлар барқ уриб яшнаб ётган боғлар ёнидан ўтаётиб бир завқланиб қўямизу, аммо шундай гўзал ва серҳосил боғни яратган Аллоҳга ҳамду сано, шукр айтишни унутиб қўямиз. Дарахтларда пишган турфа хил мевалардан тотиб кўриб, таъмидан маза қиламиз ва боғ эгасини миннатдорчиликларга кўмиб ташлаймизу аммо бу боғларнинг ҳақиқий Эгасини эсдан чиқариб қўямиз. Агар Аллоҳ Еру осмонларни яратмаса, ос-мондан сув тушириб бермаса, қуёш тафтидан баҳралантирмаса, ерни унумли қилиб қўймаса, дарахтларни ўстирмаса, бирор инсон, ҳатто у ўта қудратли ва кучли бўлса ҳам, бирор гиёҳни кўкартиришга қодир бўла олмайди. Ерга суқилган ниҳол калтаклигича, экилган дон кўмилганича қолиб кетаверади. Мушриклар эса кўз ўнгиларида содир бўлиб турган бу мўъжизалардан ибратланишмайди, бу ҳақда тафаккур қилишмайди, ҳақ йўлдан адашиб, аллақаёқдаги ожиз махлуқларни, бут-санамларни шундай қудрат эгаси Аллоҳга шерик қилишади? Улар ҳамма нарсани кўриб, иқрор бўлиб туришадию аммо барибир ўз “илоҳ”ларини Аллоҳга тенглаштиришга ҳаракат қилишаверади. Бундан ортиқ нодонлик ва жоҳиллик бўлиши мумкинми?
61. ёки Ерни қароргоҳ этиб, ўртасида дарёлар пайдо қилган, унга тоғларни таянч қилган ва икки денгиз ўртасида тўсиқ барпо қилган Зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билишмайди;
Аллоҳга турли сохта “илоҳ”ларни шерик қилаётган ўша мушриклардан сўраб кўринг-чи, уларнинг Аллоҳга шерик қилаётган нарсалари яхшими ёки Ерни қароргоҳ этиб, ўртасидан дарёлар пайдо қилган, унга тоғларни таянч қилган ва икки денгиз ўртасида тўсиқ пайдо қилган Зотми?
Унда нега улар Аллоҳнинг буюк яратувчилик қудратига ва ҳикма-тига далолат қилувчи атрофларидаги сон-саноқсиз мўъжизаларни кўриб туриб ҳам Парвардигорга шерик нисбат беришяптими? Агар У Зот Ерни улар кўриб турганидай мустаҳкам қароргоҳ қилиб қўймаганида, у худди денгиздаги кемадай тинмай чайқалиб, қимирлаб турганида уларнинг ҳоли не кечган бўларди? Ернинг турли жойларидан дарё ва анҳорларни оқизиб, сувга сероб қилиб қўймаганида ўша мушриклар ташналигини қандай қондирган, ҳайвонларини қаерда суғорган, экинларининг ўсиши учун сувни қандай топган бўлишарди? Дарё ва анҳорлар ернинг ҳаёт томирларидир. Қаерда дарё бўлса, қаерда анҳор оқса, ўша ерда ҳаёт давом этади, ўша ерда ободончилик, экин-тикин ва бошқа нарсалар бўлади. Ер юзида қанчадан-қанча дарё ва анҳорлар бор. Уларни ким вужудга келтирган? Уларни ким қазиб, ким сувини оқизиб қўйган? Сохта худоларми ёки инсонларнингўзларими? Агар улар тўпланиб, бор имкониятларини ишга солишса, жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишса ҳам бир пиёла сувни йўқдан бор қила олишармикин? Албатта, ярата олмайдилар. Шундай бўлганидан кейин, Аллоҳга имон келтириб, Унинг ягона ибодатга сазовор Зот эканини тан олишлари лозим эди. Агар Аллоҳ азза ва жалла Ернинг устига баҳайбат тоғларни қозиқ қилиб қоқиб, Ерни зилзила ва тебранишлардан ҳимоя қилиб қўймаганида инсонлар нима қилган бўлишарди? Ўша мушрик кимсалар Аллоҳнинг мўъжизаларидан биргина Ернинг қароргоҳ қилиб қўйганини олиб кўришсин. Ерда инсоннинг тўкис ҳаёт кечириши учун ҳамма нарса муҳайё қилиб қўйилган. Буларни ким қилган? Сохта худоларми ёки инсоннинг ўзими? Ер билан қуёш орасидаги масофа озгина узайса, ер музлаб қолиши ёки, аксинча, оралиқ масофа озгина камайса, ер куйиб кетиши исбот талаб қилмайдиган илмий ҳақиқатдир. Хўш, ерни бундай аниқ ўлчов билан қуёшдан маълум даражадаги узоқликка ким қўйди-ю, ким уни ушлаб турибди?
Ояти каримада яна Аллоҳнинг икки денгиз ўртасида тўсиқ барпо қилиб қўйгани ҳам зикр қилиняпти. Араб тилида “баҳр” сўзи денгизни ва дарёни англатади. Шунга кўра “икки денгиз” деганда денгиз ва дарё тушунилади. Аллоҳ уларнинг ўртасига табиий тўсиқ тортиб қўйган. Бирининг суви иккинчисига қуйилади, аммо аралашиб кетмайди: дарёнинг чучук суви шўр, денгизнинг шўр суви чучук бўлиб қолмайди. Чунки Аллоҳ уларнинг ўртасига табиий тўсиқ тортиб қўйган. Буни Аллоҳдан бошқа ким ҳам уддалай олади? Сохта “илоҳ”ларми ёки кофир ва мушрикларнинг ўзларими? Йўқ, буни ҳеч ким қила олмайди. Аллоҳ таолонинг яна бундан бошқа ҳам кўплаб мўъжизалари бор. Фақат инсонлар бу мўьжизаларга теран назар билан боқиб, фикр юритишсин, улардан ибратланиб, Парвардигорларини танишсин, борлиқдаги ҳамма нарсанингягона яратувчиси Аллоҳга имон келтиришсин!
Ояти карима охирида Аллоҳ таоло “Йўқ, уларнинг кўплари билишмайди” деяпти. Ҳақиқатан, билимсизлик энг катта кулфатдир, маънавий кўрлиқцир, жаҳолатнинг чўққисидир. Мушрикларнинг аксарияти билимсиз бўлгани учун ҳақиқатни тушуниб етмаган. Шунинг учун Аллоҳни қўйиб, аллақаёқдаги ожиз, қўлидан ҳатто биттагина митти чумолини яратиш ҳам келмайдиган сохта “илоҳ”лар, бут-санамларга ишониб-сиғиниб юришибди. Агар Аллоҳни таниганларида, Унинг илми ва ҳикматидан салгина хабардор бўлганла-рида аллақачон Унга имон келтиришган, Унинг ваҳийларини тан олган бўлишарди.
62. ёки ночор одам дуо қилганида ижобат этадиган ва ёмонликни аритадиган ҳамда сизларни Ер юзида халифа қиладиган Зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми? Қанчалар кам эслайсизлар-а!;
Аллоҳга турли сохта “илоҳ”ларни шерик қилаётган ўша мушриклардан сўраб кўринг-чи, уларнинг Аллоҳга шерик қилаётган нарсалари яхшими ёки ёки ночор одам дуо қилганида ижобат этадиган ва ёмонликни аритадиган ҳамда сизларни Ер юзида ўринбосар қиладиган Зотми?
Роҳат-фароғатда яшаб турганида Аллоҳ таолони бирор марта эслаб қўймайдиганлар ҳам, Аллоҳ таолони инкор этиб, худолик даъвосини қиладиганлар ҳам ночор қолган вақтларида, ҳамма нарсадан умидлари узилганида, ҳаётлари таҳликада қолганида, сира чора тополмай Аллоҳга ёлворадилар. Бундай вазиятда ҳар қандай инсон Парвардигорга илтижо қилади, чунки фақат У Зотгина дуоларни эшитиб, ижобат қилишга қодир. Ўзи яратган бандасининг табиатини яхши билган Оламлар Парвардигори бандаси ночор қолганда Ўзига илтижо қилишни буюрган. Яъни, У Зотга холис бўйсунган ҳолда, шариатга тўла амал қилган ҳолда, имон-эътиқодга ёлғону риёни аралаштирмаган ҳолда дуо-илтижо қилиш лозим. Умар розияллоху анҳу: «Мен ижобат ташвишини чекмайман, мен дуо ташвишини чекаман. Менга дуо қилиш илҳом этилса, ижобат ҳам қилинади», дер эканлар. Парвардигоримиз Қуръони каримда: «Менга дуо қилинглар, Мен дуоларингизни ижобат қиламан» (Ғофир, 60), деган. Аллоҳга банда қиладиган дуо ҳам ибодат, ҳатто ибодатнинг мағзидир, банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳожатманд эканини эътироф этиши, ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Дуони Аллоҳнинг нақадар буюклигию ўзининг нақадар ожизлигини англаб етган, инсоф қилган, қалбида Аллоҳга нисбатан заррача кибру ҳавоси бўлмаган кишиларгина қиладилар. Аллоҳ таолонинг дуоларни қабул қилиб, ижобат этиши уч кўринишда бўлади: 1) ё истаганингизни айнан беради; 2) ё истаганингиздан кўра яхшироғини беради; 3) ёки бу дунёда бирор нарса сўрасангиз-у, маълум сабабга кўра берилмаса, охиратда савобини беради.
Абдулқодир Жилоний ҳадиси шарифларга таянган ҳолда шундай ёзган: «Охиратда банданинг амаллари ҳисоб-китоб қилинган вақтда кўп савоблар ёзилганини кўриб ҳайрон қолади ва: “Эй Парвардигорим, бу савоблар қаердан келди ва нима учун берилди, билмайман?” дейди. Аллоҳ таоло: “Эй бандам, сен дунё ҳаётинг учун дуо қилиб сўраган нарсанг сенга берилмади. Бугун ўша сўраганинг ҳақига савоблар бериляпти”, дейди. Шунда банда: “Кошки дуоларимнинг ҳаммаси шундай бўлиб, улуғ савоблар топсайдим”, дер экан». Аллоҳ таоло танг ҳолатда, чорасиз қолган инсоннинг дуосини эшитиб, уни ижобат қилиш билангина кифояланиб қолмаган, балки Ўз фазли билан инсонни Ўзининг ер юзидаги халифаси - ўринбосари этиб сайлаб қўйган. Шунингучун ҳам саволнинг давомида: “...сизларни Ер юзида халифа қиладиган Зотми?!” деб сўралмоқда. Дарҳақиқат, инсонни Ер юзига халифа, хўжайин қилиб қўйган, унга Ердаги ҳамма мавжудотни беминнат хизматкор қилиб қўйган зот ким? Инсонга ер юзидаги барча нарсалардан фойдаланиш қоби-лиятини берган зот ким? Умуман, инсонни йўқдан бор қилган ким? Ўша сохта “илоҳ”ларими ёки ҳамма нарсага қодир Аллоҳтаоломи? Албатта, Аллоҳ таоло буларнинг барига қодирдир, Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот бунинг уддасидан чиқа олмайди. Шундай бўлганидан кейин Унга бирор зотни ёки махлуқни шерик қилиш, ўша ночор “илоҳ”ларга сиғиниш мумкинми? Аллоҳдан ўзга ибодат қилишга муносиб ҳеч бир зот йўқ ва бўлмайди ҳам. Аммо мушрик кимсалар бу ҳақда кам ўйлашади, фикр юритишмайди. Шунинг учун улар ҳамиша адашувда, гумон-тахминлар, сохта таълимотлар исканжасидан қутула олмай юришади.
63. ёки сизларни қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлга соладиган ҳамда Уз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборадиган Зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Аллоҳулар шерик қилаётган нарсалардан олийдир;
Аллоҳга турли сохта “илоҳ”ларни шерик қилаётган ўша мушриклардан сўраб кўринг-чи, уларнинг Аллоҳга шерик қилаётган нарсалари яхшими ёки сизларни қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлга соладиган ҳамда Ўз раҳмати олдидан шамолларга хушхабар қилиб юборадиган Зотми?!
Одамлар дунё кезиш, ундаги ажойиботлардан воқиф бўлиш ва Аллоҳнинг Ер юзидаги мўъжизаларини кўриб ибратланиш учун кўп саёҳат қилишади. Улар кўзлаган манзилларига етиб олиш учун ку-руқликда поезд ва автомашиналарда, сувда кемаларда, ҳавода эса учоқларда сафар қилишади. Энди бир тасаввур қилиб кўринг: денгизнинг қоп-қоронғи зулматларида кемаларни қайси бир зот йўлига йўллаб, адашиб кетиш ёки ҳалокатга учрашдан ҳимоя қилиб туради. Осмондаги учоқларни ким мувозанатида ушлаб туради. Ўша сафарларида йўл топиш қобилиятини инсонга ким берди? Йўлни аниқлашда ёрдам берадиган ақл, кўз, қулоқни-чи? Турли белгиларга, юлдузларга, асбобларга қараб йўл топишни унга ким ўргатди? Сохта “илоҳ”ларми ёки ҳамма нарсага қодир Аллоҳ таоломи? Бу саволга ҳар қандай инсофли одамнинг “Албатта, Аллоҳ таоло-да!” деб жавоб бериши аниқ. Шундай бўлгач, Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳнинг ҳам бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта. Аммо мушриклар жоҳиллик қилиб, Аллоҳга ширк келтириб юришибди. Ҳолбуки, «Аллоҳулар ширк келтираётган нарсалардан олийдир, юксакдир, покдир.
64. ёки махлуқотни аввалда яратиб, сўнгра уни қайта яратадиган ва сизларни осмонлару Ердан ризқлантирадиган Зотми? Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?». (Эй Муҳаммад), «Агар ростгўй бўлсанглар, далилингизни келтиринглар», денг.
Аллоҳга турли сохта “илоҳ”ларни шерик қилаётган ўша мушриклардан сўраб кўринг-чи, уларнинг Аллоҳга шерик қилаётган нарсалари яхшими ёки махлуқотни яратиб, сўнгра уни қайта яратадиган ва сизларни осмонлару Ердан ризқлантирадиган Зотми?
Ваҳдониятнинг ҳақлигини ва ширкнинг асоссизлигини исботлаш учун юқоридаги беш оятда берилган саволларга мушриклар ҳеч қачон жавоб топиб бера олишмаган, бера олишмайди ҳам, чунки мушриклик ҳеч бир асоси бўлмаган сохта ва ботил эътиқоддир. Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали мушрик кимсаларга хитоб қилиб айтяптики, “Эй мушриклар, айтинглар-чи, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган сизнинг сохта “илоҳ”ларингиз яхшими ёки аввалдан барча махлуқларни яратиб, сўнгра улар вафот этганидан кейин қайта яратадиган (тирилтирадиган), сизларга осмонлар ва Ердан ризқ манбаларини очиб қўйган Зот яхшими?”. Энг аввал бу бепоён борлиқда Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот бўлмаган. Инсонлар ҳам, бошқа махлуқлар ҳам бўлмаган. Ана шундай пайтда ўзи йўқ инсонни яратиб, бутун ер юзидаги бошқа махлуқотини унга бўйсундириб қўйган Зотга яратиш ишида ким шерик бўла олади? Инсонни охиратда қайтадан яратадиган ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бунда ҳам Аллоҳга ҳеч бир зот шерик бўла олмайди. Аллоҳ инсонни йўқдан бор қилиб яратгач, унга ризқ берди, натижада инсон осмонлару Ердан сон-саноқсиз, турли-туман неъматлар билан ризқланмоқда, ана шу ризқ туфайли ҳаёт кечиришга имкон топмоқда. Бу ризқларнинг қайси бирини мушрикларнинг қай бир «илоҳ»лари берган?
Улар нафас олаётган ҳавоними, осмондан ёғиб турадиган сувними ёки гўшт, сут, жун, тухум берадиган бошқа махлуқотни ким яратиб берган? Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот энг майда ризқни ҳам беришга қодир эмас. Инсонларни беҳисоб неъматлар билан ризқлантириб қўйган Аллоҳдан ҳам бошқа илоҳ бўлиши мумкинми? Агар рост айтаётган бўлсангиз, унда далилларингизни келтиринглар-чи! Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ ўргатаётган бу талаб тавҳид аҳлининг ширк аҳлларига қўядиган доимий талабидир. Мушриклар ҳеч қачон бу талабни бажара олмайдилар, чунки уларнинг «Аллоҳнинг шериги бор» деган гаплари ғирт ёлғондан иборат. Агар рост бўлганида, ҳужжат-далилларини келтирган бўлишарди. Ширк амаллари, яъни кўпхудолилик, янада тўғрироғи “Аллоҳ таолонинг шериги бор” деб эътиқод қилиш йўлдан адашган баъзи тоифаларнинг ботил эътиқодидир. Аслида барча самовий динлар ягона Аллоҳга ибодат қилишга, яъни тавҳидга чақирган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, мушрикларнинг ҳужжат-далил келиришларини талаб қилишни буюрмоқда. Илм бир нарсани ҳужжат-далил билан боғламаганча, уни ҳақиқат деб тан олмайди. Шу боис Қуръони карим ҳам инсонларни илмий далилсиз нарсани қабул қилмасликка буюради.
65. «Осмонлару Ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмайди», денг. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сеза олишмайди.
Аллоҳ таоло севикли Пайғамбарига хитоб қилишда давом этиб, мушрикларга осмонлару Ердаги ғайбий нарсаларни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмаслигини айтишни буюрмоқда. Аллоҳ таолонинг Ўзига хос сифатларидан бири - ғайбни билиши ва ғайб илмидан бўлган охират ҳақидаги хабарларни инсонлардан пинҳон тутилганини инсонларга етказишни амр қилмоқда. Ғайбни, яъни инсон кўзидан паналаб қилиб қўйилган охират, қиёмат, қабр ҳаёти, ўлим каби яширин нарсаларни билиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким - инсон ҳам, фаришталар ҳам, жинлар ҳам ғайбни билишмайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мутлоқ илм эгаси эканини англатиш билан бирга, махлуқотлар учун У буюк Зотнинг лутфи ҳамдир.
Ғайб «ғойиб» сўзидан олинган, луғатда «кўзга кўринмас, кўздан узоқда» маъноларини билдиради. Истилоҳда инсондан ғойиб, унга кўринмайдиган ҳодисалар, инсон сезги аъзолари билан ҳис эта олмайдиган, билиш имконлари ила идрок қила олмайдиган, ҳикмати ёлғиз Аллоҳгагина аён бўлган ҳодиса ва ҳолатлар «ғайб» дейилади. Ғайб нарсаларни англашда инсоннинг бирдан-бир воситаси илоҳий ваҳий, яъни Қуръони каримдир. Қолган барча нарсалар тахмин-гумонлардан бошқа нарса эмас. Мўмин-мусулмонлар ғайбга иймон келтириш билан бошқалардан ажралиб туришади. Чунки ақиданинг асосларидан бири ғайбга, яъни кўз билан кўриб, қўл билан тутиб бўлмайдиган нарсаларга ишонишдан иборат. Аллоҳга имон ғайбга имон демакдир. Шунингдек, фаришталарга, илоҳий китобларга, пайғамбарларга, қиёмат кунига, жаннат-дўзахга, қадарга имон келтириш ҳам ғайбга ишо-ниптдир. Инсон ғайбни билишда жуда ожиздир. Чунки «Ғайб очкрчлари Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди» (Анъом, 59).
Шунинг учун инсониятга Қуръони карим ва ҳадиси шарифдаги маълумотлардан бошқа ҳамма нарсалар пинҳон-сирлигича қолган. Инсоннинг қачон вафот этиши ва қиёматда қандай қилиб қайта тирилтирилиши ҳам Аллоҳгагина маълум бўлган ғайбий нарсалардандир. Инсонларнинг ўзлари қачон қайта тирилишларини ҳатто сезмайдилар ҳам. Ўзингиз ўйлаб кўринг: инсон ўз тақдирини - бир кун, бир ҳафта, бир ой, бир йилдан кейин ёки умрининг охиригача нималар бўлишини аниқ билса, унинг учун ўша кун, ҳафта, ой, йилларнинг ва ўзи яшайдиган умрнинг қизиғи қолармикин? Албатта, йўқ. Бундан бошқа яна қанчадан-қанча ғайб ишлари борки, улар ҳақида қанча бош қотирсак ҳам тагига етолмаймиз, бу ҳақда қанча кўп тафаккур қилсак, шунга ўхшаш саволлар туғилаверади, уларга жавоб топишга уринсак, янги-янги илоҳий ҳикматлар келиб чиқаверади.
66. Балки илмлари охиратни идрок қилгандир? Йўқ, бундан шак-шубҳададирлар. Йўқ, улар бу тўғрида кўрдирлар.
Кофирлар Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийларига ишонмаганлари каби охират илмидан бехабардирлар. Ҳатто Аллоҳнинг Пайғамбари бу ҳақда исбот-далилларни келтириб турса ҳам, улар жоҳилликларига бориб, ҳаммасини инкор қилишаверади. Улар охират нима эканини билиш у ёқда турсин, охиратнинг бўлиш-бўлмаслигига аниқ ишонмайдилар. Ҳатто бу борадаги ҳақиқатни англаш уёқда турсин, ваъз-иршодларга ҳам кўр ва кар бўлиб олишади. Кофир ва мушрикларнинг олимлари ҳам охират илмини тушуна олишмади, ўлимдан кейин ҳаёт бор-йўқлиги ҳақида ҳанузгача тортишиб-баҳслашиб юришибди. Агар улар бироз сабр қилишганида, масалага теранроқ назар солишганида илоҳий ҳақиқатнинг тагига етган бўлишарди.
67. Куфр келтирганлар айтишди: «Бизлар ва ота-боболаримиз тупроққа айлангандан кейин яна чиқариламизми?;
Куфр келтирганлар ўлгандан кейин қайта тирилиш, охират ҳаёти ҳақидаги далилларни мияларига сиғдира олмай, буларни инкор қилишга тушиб кетишади. Уларнинг энг катта “далиллари” - ўлишгач, тупроққа айланиб кетишармиш. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Пайғамбари охиратни эслатганида: “Бизлар ва ота-боболаримиз вафот этиб, тупроққа айланиб кетсак ҳам яна қабрларимиздан чиқариламизми?” деб савол беришади. Ваҳоланки, ўлим - инсоннинг дунё ҳаётидаги фаолиятига нуқта қўювчи ва охират ҳаётининг бошланишини билдирувчи бир маррадир. Инсон ўлиши билан унинг охират ҳаёти бошланади. Мўминларнинг ўлимдан кейин тирилиб маҳшаргоҳда тўпланишларига, қилган яхши ва ёмон амаллардан ҳисоб беришларига имон келтиришлари вожибдир. Амаллар Ҳақ тарозуси (Мезон)да тортилиб, яхши амалли, имонлилар абадий ором-фароғат маскани - жаннатга киради, имонсизлар ва айрим гуноҳкор-лар дўзахга ташланади.
Ўлишдан кейин тирилишнинг муҳим ҳикмати бор. Модомики, дунёга келган эканмиз, бу ерда бир қанча исломий, инсоний вази-фаларимизни ўташимиз, Аллоҳ буюрганларини бажаришимиз керак бўлади. Бунга осийлик қилганлар эса Аллоҳнинг ғазаби ва жазосига дучор бўладилар. Охиратдаги бахтли-саодатли ва осойишта ҳаёт бу дунёдаги имон-эътиқодимизга, қилган солиҳ амаллари-мизга, савобли, хайрли ишларимизга боғлиқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Биз сизларни (ердан) яратдик., яна унга қайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чикррурмиз» (Тоҳа, 55), деган. Буни инкор қилиш Қуръонни инкор этишдир, бу эса куфри мужибдир. Ўлимдан сўнг қайта тирилишга ишониш имон рукнла-ридан биридир. Мўмин ақли билан кофир ақли шу нуқтада фарқланади.
68. дарҳақиқат, бу бизларга ҳам, ота-боболаримизга ҳам ваъда қилинган эди. Бу аввалгиларнинг афсонасидан бошқа нарса эмас».
Яъни, эй мўминлар, сизлардан олдин ҳам бир қанча осий ва гуноҳкор қавмлар ўз пайғамбарлари олиб келган таълимотларга, уларнинг ваъдаларига ишонишмаган, “бу нарсалар илгари ҳам бўлган эди” деган даъволар билан уларни ёлғонга чиқаришган. Ҳатто пайғамбарлар келтирган рисолатни аввалгиларнинг афсоналарига чиқаришга ҳам уринишган. Уларнинг мана шундай итоатсизликлари ва гумроҳликлари ўлгандан кейин қайта тирилтирилишлари масаласида ҳам кўринади. Улар Аллоҳга ва Унинг мукаммал сифатларига ишонмасликлари оқибатида мияларига ўрнашиб қолган нотўғри хаёллардан қутула олишмайди. Шу боис, улар «Ўлганимиздан кейин дафн қилингач, эт-устихонимиз чириб, тупроққа қўшилиб кетганидан кейин яна қанақасига қайтадан тирилишимиз мумкин? Биздан олдин ўлиб, чириб, умуман суякдан бошқа ҳеч нарсаси қолмаган ота-боболаримиз қандай қилиб яна қайтадан қабрдан чиқарилишлари мумкин?» дея таажжубга тушишади. Лекин улар «Дунёга келмасимдан олдин мендан ҳеч бир асар ҳам йўқ эди, ота-боболарим ҳам дунёга келмасларидан олдин улардан ҳеч қандай асар бўлмаган, аммо шундай бўлса-да, мен ҳам, ота-боболарим ҳам дунёга келдик, яшаб ўтдик. Мени ва ота-боболаримни йўқ жойдан бор қилган ана ўша Зот тупроққа аралашиб кетганимиздан кейин қайта чиқариб олишга албатта қодирдир» деб мутлақо ўйлашмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони карим оятларига суянган ҳолда уларга: «Бир кун келиб албатта қайта тириласизлар», десалар, куфр келтирганлар: “Бизлар ҳам ота-боболаримиз каби чириб-тупроққа айланиб кетсак ҳам қайта тириламизми?” деб савол беришаверади. Уларнинг бу саволи ҳақиқатни англаш учун эмас, балки уни инкор қилиш учун берилганини тушуниб олиш қийин иш эмас. Улар бу саволлари билан нафақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, балки ҳамма пайғамбарларнинг қайта тирилиш ҳақидаги хабарларини инкор қилишади. Яъни, улар: “Ўлгандан кейин қайта тирилиш бизга ва ота-боболаримизга Муҳаммаддан олдин ҳам ваъда қилинган эди. Ундан бошқа ўзини пайғамбар деб атаганлар ҳам бу гапни айтишган. Ўлгандан кейин қайта тирилиб чиқиш ҳақидаги Муҳаммаднинг гаплари аввал ўтганларнинг афсонасидан бошқа нарса эмас», дейишади. Улар бу билан қиёматга оид ақидани эътибордан четда қолдиришга ҳаракат қилишадики, бу ишлари қаттиқ гуноҳ, катта жиноятдир.
69. «Ер юзида юриб, жиноятчиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринглар», деб айтинг.
Яъни, эй Пайғамбарим, уларга айтингки, Ер юзини кезиб, охиратга ишонмаган гуноҳкорларнинг қисмати қандай бўлганини кўришсин ва бу ҳолатдан ибрат олишсин!. Улар ер юзининг қаерига боришса ҳам ўзларига ўхшаб охират дунёсини, қайта тирилишни инкор этган гуноҳкор ва каззоб кимсаларнинг ҳалокати изини кўришади. Бундайларнинг оқибати ҳамиша ана шундай ҳалокатли, шармандали бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Охиратни инкор қилувчилар бу қилмишлари билан инсоннинг ўз амали учун жавоб бериши масъулиятини ҳам инкор қилган бўлишади. Бу нарсани тан олмаслик эса эзгулик ва ёвузлик туйгусини ҳис этишнинг барҳам топишига олиб боради. Бу эса алал-оқибат ижтимоий ва руҳий алғов-далғовларга, миллат ва маданиятнинг ҳалокатига сабаб бўлади.
70. (Эй Муҳаммад), улар учун хафа бўлманг ва қилаётган макрларидан сиқилманг ҳам.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримасида охирзамон Пайғамбарига таскин ва тасалли беряпти: эй суюкли Пайғамбарим, сиз мушрик кимсаларнинг сизнинг даъватларингизга қулоқ солмай, уларни инкор қилаётганидан, ўзларини бадбахтлик чоҳига отаётганидан асло ўкинманг, ғамга ботманг, уларнинг макру ҳийлаларидан юрагингиз сиқилмасин ҳам. Улар охиратга, қайта тирилишга ишонишмаса, фақат ўзларига ёмон бўлади. Аллоҳ уларнинг макр-ҳийлаларини даф қилишда сизга ҳамиша ёрдам беради ва Ўзи тўғри йўл кўрсатади.
71. Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон?» дейишади.
Кофир ва мушрик кимсалар ҳамиша Аллоҳ юборган пайғамбарларга итоатсизлик кўрсактишган, улар олиб келган таълимотларни ё инкор қилишган, ё ёлғонга чиқаришган. Худди ўшалар каби маккалик мушрик ва кофирлар ҳам охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг даъватларини қулоққа олишмади, у зотга эргашишмади. Аксинча, у зотни калака қилиш учун истаҳзо билан: “Агар сен огоҳлантираётган, ваъда қилаётган қиёмат куни ҳақиқатан ҳам рост бўлса, у қачон келади, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилсак ҳам, сенинг пайғамбарлик вазифангни бажаришингга шунча тўсқинлик қилсак ҳам нега Парвардигоринг бизларни жазоламаяпти?” деган бемаъни саволларни беришди. Агар ўша гумроҳлар Аллоҳтаолонинг дин душманларига жазо беришни маълум муддатга кечиктираётгани, уларнинг тавба қилишлари учун имкон бераётгани ҳикматини билишганида Аллоҳнинг Пайғамбарига бу қадар итоатсизлик қилмаган бўлишарди. Агар улар мана шу осийликлари учун келишига ўзлари ишонмаётган қиёмат кунида қандай илоҳий азоб ва ғазабга дучор бўлишларини англашганида Пайғамбар алай-ҳиссалом олиб келган таълимотларга эргашган бўлишарди.
72. «Сизлар ошиқаётган нарсанинг баъзиси ортингиздан эргашиб келаётгандир?» деб айтинг.
Шундай кишилар ҳам борки, улар охиратга, ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонишмагани учун бу ҳақда ўйлаб кўришни, бош қотиришни ҳам исташмайди. “Олис келажакда бўладиган мавҳум гаплар ҳақида бош қотиришнинг нима кераги бор, бугунги кунимиз билан яшаган яхши эмасми?” деб фикр юритишади. Эй Пайғамбарим, уларга: “Қиёматнинг тезроқ келишига жуда ошиқаётган бўлсангиз, ўша ваъдалар шундоққина ортингизда турибди, аммо сизлар сезмаяпсиз, холос», деб айтинг. Дарҳақиқат, душман суворийси қўлида найза билан отлиқ жангчини қувиб келаётганидай, қиёмат ҳам инсонларнинг шундоққина ортидан қувиб келаётир. Фақат инсон зоти ғайб илмидан бехабарлиги учун қиёматнинг қачон келишини била олмай, бунга ишонишни истамаётир. Эҳтимол, азоб, қиёмат ёки қайта тирилиш бир соатдан сўнг содир бўлар, балки бундан кўпроқ ёки озроқ вақт қолгандир? Буни ким била олади? Аллоҳ таоло бу ишларни хоҳлаган лаҳзасида содир этишга қодир. Бунга маккалик мушриклар ўз ҳаётларида бир неча бор гувоҳ бўлишди: олдинига қаттиқ қаҳатчилик бўлиб, қанча одам қирилиб кетди. Орадан кўп ўтмай, мушрикларнинг бир қанчаси Бадр жангида шармандаларча ўлим топиб, дўзах сари йўл олди. Бу каби нарсалар улар учун қиёматнинг бошлангани эмасми?
73. Парвардигорингиз одамларга албатта фазл-марҳаматлидир, лекин уларнинг кўплари шукр қилишмайди.
Яъни, Аллоҳ таоло бандаларига ўта меҳрибонлигидан, раҳмати ва фазл-марҳамати туфайли уларга маълум муҳлат бериб, жазоси ва азобини ортга суриб туради. Токи улар гуноҳларидан қайтишсин, қилмишларига тавба қилиб, мағфират сўрашга улгуришсин, Аллоҳнинг ҳақ йўлига, ҳидоят йўлига ўтиб, икки дунё саодатини қўлга киритишсин, охиратдаги жазо ва азоблардан қутулиб олишсин! Гумроҳ бандалар эса Аллоҳнинг бу фазл-марҳаматига шукр қилмай, бошларига илоҳий азобнинг келишини тезлаштиришни сўрашади. Ҳолбуки, Аллоҳ Ўз бандаларига фазлу карам ва марҳамат кўрсатиб, уларни куфру исёнлари учун азобламай, уларга умр, муҳлат ва бошқа неъматларини бериб турибди. Нодонлар эса буларга шукр қилиш ўрнига «Қиёмат қачон содир бўлади?» деб, Аллоҳнинг Пайғамбарини масхара ва калака қилишади.
74. Парвардигорингиз уларнинг диллари яширадиганини ҳам, ошкор қиладиганини ҳам албатта билади.
Аллоҳ бандаларига меҳрибонлиги ва марҳамати туфайли гуноҳлар учун жазолашни ортга суради. Ваҳоланки, барча ғайбий нарсаларни билиб турувчи Аллоҳ инсонларнинг дилларидаги ғайбни - беркитиб юрган ниятларини, пинҳона сирларини, кўнгилдан кечаётган хаёлларини, ҳамма нарсаларини билади. Ошкора қилиб юрган нарсаларини билиши эса ўз-ўзидан маълум. Жазолаш ёки буни кечиктириш ҳам фақат Унинг иродасига, хоҳишига боғлиқ. Аммо Аллоҳ таоло буюк фазл эгаси бўлгани учун бандаларига муҳлат бериб, мукофот ёки жазони танлашни уларнинг ўзларига ҳавола қилган.
75. Осмондаги ва Ердаги ҳар бир яширин нарса очиқ-ойдин Китобда бордир.
Борлиқдаги ҳамма ғайбий ва сирли нарсалар - одамларнинг қалбларида яширинган сирлар ҳам, балки осмон ва Ердаги барча сирлар ҳам Аллоҳ таолонинг хузуридаги очиқ-ойдин китобда - яъни Лавҳул Маҳфузда бордир, ҳаммаси дунё яралмасидан олдин унда битиб қўйилгандир. Аҳли суннат вал жамоа ақидасига кўра, Лавҳул-Маҳфуз (ҳимоядаги, асралган лавҳ) ва Қалам ҳақдир. «Таҳовий ақидаси» шарҳида: «Лавҳ ва Қаламга, унга чизилган жамики нарсага имон келтирамиз», дейилган. “Лавҳ”дан мурод, Аллоҳ таоло томонидан барча инсонларнинг тақдирлари ёзилган нарсадир. Қаламдан мурод, Аллоҳ таоло яратган ва у билан мазкур Лавҳга қадарларни ёзган Қаламдир. Муфассирлар Қуръони каримдаги «Лавҳул Маҳфуз» атамасини «мўминнинг қалби» маъносида ҳам тафсир қилишган. Ана шундай мутлақ илм соҳиби бўлган Аллоҳ Ўз илми билан Қуръонни ҳам Лавҳул-Маҳфузга битиб қўйгандир ва фариштаси Жаброил орқали охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилгандир. Ундаги хабарларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг илмидандир. Унда одамлар ихтилоф қилаётган нарса ҳақида хукм бўлса, ўша хукм ҳақдир, чунки бу Аллоҳнинг хукмидир.
76. Албатта ушбу Куръон Бани Исроилга улар ихтилоф қилаётган нарсаларнинг кўпини баён қилиб беради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом даврларидаги Бани Исроилга Қуръони карим ихтилоф қилаётган масалаларнинг кўпини баён қилиб беради. Бани Исроил ихтилоф қилган ва қилаётган масалалар эса анча-мунча эди. Ояти каримадаги “Бани Исроил” истилоҳи яҳудийларни ҳам, насронийларни ҳам қамраб олган. Чунки Таврот ўша пайтдаги яхудийлар ва насронийларга бирдай мажбурий эди. Яҳудийликнинг ўзида ҳам бир қанча оқимлар бўлиб, масалан улардан самарияликларнинг ўз Тавротлари бўлган. Улар ўзларидан бошқа яҳудийларни ёқтирмас, бошқалар ҳам ўз навбатида уларга хайрихоҳ эмас эди. Ана шундай оқимлар бир-бирлари билан Таврот ҳақида, унинг шариати, пайғамбарлар, Исо алайҳис-салом ҳақларида ва яна бошқа кўпгина масалалар устида ҳамиша ихтилофлар қилишган. Қуръони карим эса, улар ихтилоф қилган ва қилаётган масалаларни ҳақ йўл билан ҳал этиб берди.
77. Албатта у мўминлар учун ҳидоят ва раҳматдир.
Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Қуръони карим инсоният учун илоҳий дастурил-амалдир, у инсонларни турли ихтилоф ва келишмовчиликлардан ҳимоя қилади, адашувдан асрайди, Аллоҳнинг ҳидоят йўлларини кўрсатиб беради. Айни пайтда Қуръони карим мўминларга Аллоҳнинг раҳматидир. Агар у бўлмаганида одамлар имонсизлар каби бошқа қинғир йўлларга кириб кетган, куфр ва ширк чангалзорларида адашиб-гангиб юрган бўлишарди. Бу билан имонли кишиларни энг тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қинғир йўлдан тўғри йўлга йўллайди. Қуръони карим жорий қилган қонунлар асло ўзгармаслиги ва иккиланишга йўл қўймаслиги жиҳатидан инсонлар ўртасида ҳеч қандай ихтилофлар туғдирмайди. Аллоҳнинг Каломи ёрдамида тўғри йўлни топган мўминлар икки дунёнинг саодатини қўлга киритадилар.
78. Парвардигорингиз улар ўртасини Ўз ҳукми билан ажрим қилади. У қудратлидир, билувчидир.
Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига хитоб қилишда давом этиб, шундай марҳамат қиляпти: эй Пайғамбарим, уларнинг ихтилофлари ва тортишувлари билан сизнинг ишингиз бўлмасин, сизнинг вазифангиз инсонларга Бизнинг ваҳийларимизни етказиш, холос. Қиёмат куни Парвардигорингиз Бани исроилликлар орасида Ўз ҳукми билан ажрим чиқариб беради, ким ҳақ, ким ноҳақ эканини Ўз адли билан ҳал қилади. У Зотнинг бундай ҳукм чиқаришга ҳуқуқи ва имкони чексиздир. Чунки У қудратлидир, билувчидир, шундай бўлгач, ҳеч бир жон Унинг ҳукмидан қочиб қутула олмайди. Қиёмат куни Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот ҳукм чиқара олмайди, бошқанинг ҳукми ўтмайди, адолатли илоҳий ҳукмдан сўнг эса барча ихтилофлар ўз-ўзидан барҳам топади.
79. Аллоҳга таваккул қилинг, сиз аниқ ҳақ узрадирсиз.
Эй Пайғамбарим, сиз мутлоқ ҳақиқатнинг Эгасининг иродасига тўлалигича бўйсунинг, Унгагина суянинг, ҳар бир ишингизни Унга ҳавола қилинг. Бутун оламларнинг ягона Парвардигорига таваккул қилинг. Чунки сиз аниқ ва ўзгармайдиган ҳақ узрадирсиз, сиз олиб бораётган даъват ва рисолатни ёйиш ишлари ҳақдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Умматимдан етмиш минг киши жаннатга ҳисоб-китобсиз киради. Улар ношаръий усулда дам солдирмайдиган, шумланмайдиган ва Парвардигорларига таваккул қиладиганлардир» (Бухорий ривояти).
80. Албатта сиз “ўлик”ларга уқтира олмайсиз, юз ўгириб қочаётган “кар”ларга ҳам даъватни етказа олмайсиз.
Вафот этган инсонда жон бўлмагани учун у одамларнинг гапини эшитмайди ҳам, уларнинг мағзини чақиб ҳам кўрмайди, ҳеч нарсани ҳис қила олмайди ҳам. Худди шу каби қалби ўлик, онги ишдан чиққан инсонлар ўзларининг хато ақидаларидан воз кеча олмай, эзгуликни зулмдан ажратишга қодир бўлолмай Пайғамбарнинг даъватидан юз ўгириб қочишяпти. Ушбу оятларда ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бераётгани кўриниб турибди. Аллоҳ таоло ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: “Ўлик”ларга гап уқтира олмайсиз, даъватингизни сиздан қочаётган “кар”ларга етказа олмайсиз”, демоқда. Қуръони карим Ислом даъватига қарши чиққанларни «ўликлар» деб васф қилмоқда. Дарҳақиқат, Исломдек очиқ-ойдин, икки дунё саодатига сабаб бўлувчи, осон, пок йўлга юрмаганлар «ўликдан» бошқаси эмас. Бундай «ўликлар»га Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам гаплари таъсир қилмайди. Уларни фақат Аллоҳ таологина «тирилтириши» мумкин. Аллоҳ таоло эса уларга ўхшаган саркашларни ҳидоятга солмаслигини очиқ-ойдин айтиб қўйган. Аллоҳ таоло кейинги жумлада Ислом даъватидан юз ўгирган кофирларни бир нарсаларни эшитиб қолмаслик учун ортга қараб қочаётган карларга ўхшатмоқда. Ўзи ҳеч нарсани эшитмайдиган кар, бунинг устига, яна эшитиб қолмай деб, эшитиш эҳтимоли бор жойдан узоқроққа қочади. Бу васф кофирларнинг Ислом даъватидан йироқда бўлиш учун қанчалик кўп ҳаракат қилишларини билдиради. Уларнинг имонга келмаганлари Пайғамбар сол-лаллоҳу алайҳи васалламда ёки Ислом даъватида камчилик борлигини эмас, балки кофирларнинг қалбларида тузалмас касаллик борлигини кўрсатади.
81. Сиз “кўр”ларни залолатларидан ҳидоятга бошловчи эмассиз. Фақат оятларимизга имон келтирадиганларгагина уқтира оласиз ва улар мусулмонлардир.
Олдинги оятда Аллоҳ таоло Ислом даъватини эшитишни истамаганларни “карлар” деб сифатлаган бўлса, ушбу ояти каримада “кофирлар ўлик, кар бўлиш билан бирга кўр ҳамдирлар” деб таърифламоқда. Эй Пайғамбар, ҳар қанча уринсангиз ҳам ана шу қалб кўзи кўрларни адашиб юрган йўлларидан қайтариб, тўғри йўлга ҳидоят қила олмайсиз. Сизнинг даъватларингизга Аллоҳга ва Ўнинг Расулига, Қуръони каримга имон келтирган саодатманд инсонларгина қулоқ солишади, бу ҳақда тафаккур қилишади. Имон билан лиқ тўла қалблари илоҳий оятларни қабул қилиб олишга тайёр турган, бутун борлиқлари билан Аллоҳга таслим бўлган, ўзлари ва қалблари тирик, қулоқлари даъватга очиқ, кўзлари Бизнинг мўъжизаларимизни кўриб ибратланадиган кишиларгагина гапингизни уқтира оласиз, рисолатни етказасиз. Сиз ана шундай имон эгаларига эътиборни қаратинг, кофирлар билан ҳисоб-китоб қилиш вақти эса тезда келади.
82. Улар устига Сўз тушганида Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. У одамларнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганларини уларга айтиб беради.
Ушбу оятдаги “даббатул минал арзи” жумласи луғатда «ердан чиққан ҳайвон» деган маънони билдиради. Қиёматяқинлашганида Аллоҳ таолонинг иродаси билан ердан чиқадиган махлуқ шундай аталади. Бу ҳодиса қиёматнинг аломатларидан биридир. Даббатул-арз ҳақида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда хабар берилган. Жумладан, Қуръони каримдаги ушбу оят ҳам ўша ҳайвон ҳақида хабар беряпти: «Улар (яъни кофирлар) устига Сўз тушгани-да, яъни қиёмат яқинлашганида Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлаб беради».
Даббатул-арзнинг чиқиши ҳақида кўпгина ҳадислар ҳам ворид бўлган. Тавба қабул бўлиши учун инсониятга берилган муддат тугаганида Аллоҳ таоло уларга сўзловчи ер ҳайвонини чиқаради. Уни мўмин ҳам, кофир ҳам танийди. Гарчи инсонлар ҳайвонот сўзини билишмаса-да, ҳамма нарсага қодир Аллоҳ таоло буни ирода қилади. Ва инсонлар олдин Аллоҳ таолонинг оятларига ва Қиёмат кунига ишонмаган бўлишса-да, бу ғайритабиий ҳол Қиёматдан ва унинг яқинлашганидан хабарчи эканини яхши билишади ва ишонишади, аммо олдин ишонмаганларга бу имон фойда бермайди. Ибн Касир: «Бу жонивор замон охирлаганда, одамлар фасодга берилганда, Аллоҳнинг амрини тарк қилганларида ва ҳақ динни ўзгартирганлари-да чиқади», деган.
Ҳузайфа ибн Усайд Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўнта белгини кўрмагунингизча қиёмат қойим бўлмайди» дея туриб, ердан жонивор чиқишини ҳам айтганлар (Аҳмад ривояти). Абдуллоҳ ибн Амр розиялл оҳу анҳумодан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ёд олиб, ҳеч ёдимдан чиқармадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қиёматнинг биринчи аломатларидан - қуёшнинг мағрибдан чиқиши ва одамларга жониворнинг чиқишидир, буниси чошгоҳ пайтида бўлади. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси дарров шеригининг орқасидан чиқади» (Муслим ривояти). Шу билан бирга, муфассир уламолар ушбу жонивор ҳақида кераксиз ва асоссиз гаплар кўпайиб кетганини, улар тафсир китобларига ҳам кириб қолганини, ишончли манбаларга суянилмаган гаплар бўлгани учун уларга эътибор бермаслик лозимлигини таъкидлайдилар. Қуръони каримда ва саҳиҳ ҳадисларда келган хабарлар билан кифояланиш кифоя. Қолгани эса фақат Аллоҳ биладиган ғайб илмларидир.
Ривоят қилишларича, даббатул-арз одамларга гапиради ҳам. Уни гапиртиришдан мақсад уларнинг илоҳий оятларга имон келтирмайдиганликларини билдириш учундир. Қандай қилиб гапиртиришни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Имо-ишора билан тушунтирадими, ҳамма инсонлар тушунадиган тилда гапирадими ёки инсонлар унинг тилини тушунадиган бўлиб қолишадими, ҳеч ким бу ҳақда бирор маълумотга эга эмас. Намл сурасида ҳайвонларнинг одамлар билан муомала қилиши, гаплашиши кетма-кет келганига эътиборни қаратинг: Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзларига қуш тили илмини бергани учун Аллоҳга шукр қилишлари, чумолининг гапириши, ҳудҳуд қиссаси ва ниҳоят, «даббатул арз»нинг одамларга сўзлаши зикр этилди. Қиёматнинг улкан аломатларидан бири бўлган ушбу ҳодисадан кейин бевосита қиёматнинг васфига ўтилади:
83. Биз ҳар бир умматдан оятларимизни ёлғонга чиқарганларини бир гуруҳ қилиб тўплаган Кунда улар тизилиб туришади.
Яъни, эй Сулаймон, эсла: Аллоҳ таоло Маҳшар куни ҳар бир умматдан Ўзининг оятларига ишонмаган, уларни ёлғонга чиқарганларидан бир гуруҳини тўплаб, маҳшаргоҳга келтиради. Уларни ҳақ йўлдан адаштириб, залолатга бошлаб кетган, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилишга чақирган йўлбошчилари ҳам уларнинг сафида хор-зор ҳолида туради. Ўшал куни кофирлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб сафланган ҳолларида Аллоҳ таолонинг ҳисоб-китоб қилишини, қандай жазо белгилашини қалтираган ҳолда кутиб туришади. Ўша пайтда уларга ёрдам берадиган, ҳолларига қайғурадиган бирор зот бўлмайди.
84. Улар келишгач, У Зот: «Сизлар аниқ билмай туриб Менинг оятларимни ёлғонга чиқардингларми?! Ёки нима қилган эдинглар?» дейди.
Инсонлар Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб-китоб қилиниш учун тўпланганларида Буюк Аллоҳуларни айблаб: “Сизларга Ер юзида гўзал ҳаётни, турфа неъматларни ато этиб қўйсам ҳам Менинг оятларимни ёлғонга чиқардингларми? Сизларни барча махлуқлардан ҳам онгли қилиб яратиб, уларни сизларга бўйсундириб қўйсам ҳам Менга итоатсизлик қилдингларми?. Ёки нима қилмоқчи бўлдинглар? Ахир, сизларни дунё ҳаётида фақат еб-ичиб, ўйин-кулги қилишларинг учун яратмаган эдим-ку?!” деб маломат қила бошлайди. Ояти каримада васф қилинаётган ҳолат ҳақиқатан жуда нозик, хатарли: кофирлар дунё ҳаётида ёлғонга чиқариб келган, ишонмаган қиёмат содир бўлиб турибди. Фаришталар қабрларидан чиқиб келаётган одамларни тўп-тўп қилиб Маҳшаргоҳга ҳайдаб келишяпти. Энди уларнинг бари Парвардигорлари ҳузурида дунёда қилган ишларидан, қилмишларидан ҳисоб беришади. Аллоҳга куфр ва ширк келтирганлар дўзахдаги абадий азобга, мўмин ва мусулмонлар жаннатдаги доимий роҳатга рўбарў бўлишади.
Қуръони каримни ўрганмай, ундаги таълимотлардан, амрлардан бехабар ҳолда уни инкор қилиб, ёлғонга чиқарганларнинг ҳоли айниқса аянчли бўлади. Аллоҳ таоло уларнинг барча қилмишларини яхши билиб турса ҳам оломон олдида уларни айблаш, хорлаш, шармандасини чиқариш ҳамда айбини бўйнига қўйиб, иқрор қилдириш учун «Сизлар аниқ билмай туриб Менинг оятларимни ёлғонга чиқардингларми?! Ёки нима қилган эдинглар?» деб саволга тутяпти. Ҳақиқатда Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқаришга журъати етган, Қуръон оятларига тил теккизган даҳрийлар ва кофирлар Қуръон оятларининг маъносини умуман англаб етмаган бўлади. Кўп ҳолларда улар араб тилидан, диний-маърифий илмлардан бехабар одамлар бўлади. Улар Қуръонда йўқ нарсани Қуръондан деб гапиради, ўзлари тўқиб олган гапларни «оят» деб номлаб, танқид қилади. Қиёмат куни уларнинг бари ушбу оятда васф қилинаётганидек, сўроққа тутилади, ёлғонларининг жазосини олишлари ҳам муқаррар!
85. Золим бўлганлари сабабли улар устига Сўз тушади. Шунда улар гапира олишмайди.
Қиёмат куни Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиб, ўз жонини зулмга қўйган кимсаларнинг золимликлари учун улар устига ваъда қилинган Сўз, яъни Аллоҳнинг ваъда қилган азоби тушади. Бу азоб уларнинг зулм қилганлари, имон келтирмай, кофир ҳолларида ўлим топганлари ва Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқариб, У Зотга чидаб бўлмас итоатсизлик кўрсатганлари учун берилади. Улар бошларига тушган улкан мусибат қаршисида бир сўз дея олмай лол қолишади, қилмишларини оқлаш, гуноҳларига мағфират сўраш учун бирор сўз топа олишмайди, гунг ва ҳайрон ҳолда қотиб туришаверади. Ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлганидан кейин нимани ҳам сўзлай олишарди?! Дунёда кўзларини каттароқ очиб, атрофларидаги илоҳий мўъжизалар ҳақида фикр юритиб, имон келтирган бўлишганида ҳоллари бугунгидай абгор, расво ва қўрқинчли бўлмас эди.
86. Биз уларнинг ором олишлари учун кечани пайдо қилганимизни, кундузни эса ёруғ қилганимизни кўришмайдими? Бунда имон келтирадиган қавм учун албатта ибратлар бор.
Аллоҳ таолонинг тавҳиди, Унинг пайғамбарлари олиб келган рисолат, қиёматнинг албатта қойим бўлиши каби исботталаб қилмайдиган далилларни кўриб-эшитиб ҳам имонга келмаган кимсадан ҳам бахтсизроқ одам бормикин дунёда? Бундайлар атроф борлиқда тўлиб-тошиб ётган илоҳий мўъжизаларни кўриб туриб ҳам ибратланишмайди, хулоса чиқаришмайди, имон сари юзланишмайди. Ўша кофир кимсалар ҳар қадамда учраб турган сон-саноқсиз ибратли ҳодисаларга майли эътибор қаратмасин, ақалли ҳар куни ўзи гувоҳ бўлиб турган кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳодисаси ҳақида озгина ўйлаб кўрмайдими? Нега тонг ва тун бир-бирини қувиб юради, алмашиб туради? Борлиқда фақат кундуз ҳукмрон бўлиб қолса, инсоннинг ҳоли не кўйга тушади? Кун бўйи тинмаган инсон кечаси ҳам дам олмай, машғулотлари билан ўралашиб юраверадими? Ёки ҳаёти фақат тундан, қоронғиликдан иборат бўлиб қолса, нима қила оларди? Кундузи қиладиган бирорта ишини бажара олмай, фақат уйқу билан дунёдан ўтиб кетадими? Аллоҳ таоло сукунат учун кечани, басорат (кўриш) учун кундузни пайдо қилиб қўйишида кўпдан-кўп ҳикмат ва ибратлар бор. Аммо бу далиллардан фақат имон аҳлигина ибрат олади, бу ҳақда фикрлаб, имонини мустаҳкамлайди. Имондан маҳрум кимсалар атрофларидаги ҳисобсиз мўъжизаларни кўришдан, улардан ибратланишдан ҳам маҳрумдирлар.
87. Сур чалиниб, Аллоҳ хоҳлаганларидан бошқа осмонлардаги ва Ердагилар даҳшатга тушган Кунда ҳамма Унга бўйин эгиб келади.
Улуғ фаришталардан Исрофил алайҳиссалом қиёмат олдидан ва ўша куни уч марта сур (бурғи) чалишга вакил қилинган. Сур чалингани қиёмат бошланганининг дарагидир. Сур чалинганда борлиқдаги барча одамлар ва бошқа жонзотлар даҳшатга тушади, фақат Аллоҳ таоло хоҳлаган баъзи инсонларгина қўрқишмайди. Ўша Кунда бутун халойиқ Аллоҳ таолонинг ҳузурига бўйин эгган ҳолида келади. Ояти каримадаги ҳолат Исрофил алайҳиссаломнинг биринчи сур чалишидир. Ана шунда ҳамма ўлиб, фақат Жаброил, Микоил, Исрофил ва жон олувчи фаришталар ўлмай қолишади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг сўзларига кўра, биринчи сурда шаҳидлар ҳам ўлишмайди ва қўрқувга тушишмайди.
88. Тоғларни кўриб, қимирламай турибди, деб ўйларсиз. Ҳолбуки, улар худди булутлар юргандек “сузишади”. Бу ҳамма нарсани пухта қилувчи Аллоҳнинг санъатидир. У нима қилаётганингиздан албатта хабардордир.
Тоғ сайрига чиққан одам атрофидаги маҳобат билан турган зил-замбил тоғларни кўриб, уларнинг жойидан жилишига, қимирлашига ишонмайди, буни хаёлига ҳам келтира олмайди. Қиёмат кунининг даҳшатидан кўзимизга энг салобатли, пурвиқор, мустаҳкам бўлиб кўринадиган улуғвор тоғлар ҳам жойидан кўчиб-жилиб кетади, титилиб, булут каби сузиб юради. Уларни кўрган одам жойида турибди, деб ўйлайди, аслида эса улар булутдек сузиб кетаётган бўлади. Тоғларнинг фазода сузиб юриши ҳақидаги маълумотлардан ўз-ўзидан Ер ҳам тоғлар билан бирга сузишини англаймиз, чунки фазога нисбатан ер ва тоғлар бир-бутун нарсадир. Оятда келганидай, биз тогларни жойидан жилмай туради, деб ўйлаймиз, аслида улар фазода ўзи ўрнашган Ер билан бирга сузиб юради. Уларни булутлар билан солиштиришда ҳам катта ҳикмат бор. Бунинг ҳикмати шуки, ҳар икковининг моддий таркиби жуда мўрт нарсадан ташкил топган. Бизга маълумки, тоғлар зарралардан, булутлар эса томчилардан иборат. Бу нарсалар ҳам Буюк Сониъ, ҳар бир нарсани ўта пухталик билан қиладиган Аллоҳ таолонинг санъатидир. Ана шундай қудратли, ҳикматли Зот бандаларининг қилаётган ҳар бир ишидан, қилмишидан ҳам хабардордир. Қиёмат куни ҳамма нарсани Ўз адли билан жой-жойига қўйиб, барча махлуқи орасида адолатини ўрнатадиган Аллоҳ қиёмат куни бандаларининг амалига қараб мукофот ёки жазосини белгилайди. Ўша куни Аллоҳ таолонинг ишига аралашадиган, фармонидан бўйин товлайдиган бирор зот бўлмайди.
89. Ким яхшилик билан келса, унга бундан кўра яхшироғи бўлади ва улар ўша Куни даҳшатдан омондадирлар.
Аслида инсон ҳаётда яхшилик қилишга, уларни кўпайтиришга буюрилган. Ўзгаларга яхшилик қилиш мўминнинг энг афзал хислатидир, Аллоҳ розилигини топишининг осон йўлидир. Яхшилик Аллоҳнинг бандага раҳматидир. Яхшилик қилганларни Аллоҳ таолонинг ўзи мукофотлайди. Унинг ваъдасига кўра яхшилик қилувчи мўминлар жаннат неъматларидадирлар. Аммо ушбу оятда зикр қилинаётган “яхшилик” Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига, китобларига, фаришталарига, ўлгандан кейин қайта тирилишга имондир. Ким бу дунёда яхшилик қилган бўлса, яъни Аллоҳга имон келтириб, Унга чин дилдан итоатда бўлса, унга қилган яхшилигидан ҳам гўзалроқ мукофот берилади. Бошқа бир оятда айтилишича, яхшилиги ўн ҳисса кўпайтириб берилади. Мана шундай яхшилик қилган саодатманд инсонлар қиёмат кунидаги даҳшатдан ҳам омонда бўладилар. Бундан ҳам ортиқроқ бахт, бундан ғам гўзалроқ оқибат бўлиши мумкинми? Донишмандлардан бири айтади: «Яхшилик мол ва фарзандларнинг кўплигида эмас, яхшилик кенг феълли, ахлоқли бўлиш, илм олиш ва Аллоҳга ибодатда бошқаларга ўрнак бўлишдир». Муҳаммад Зеҳний айтади: «Одамларнинг яхшироғи ўз қалбида яхшиликка йўл очгани ва ёмонликни, очкўзликни ҳайдаб чиқарганидир».
90. Ким ёмонлик билан келса, у юзтубан дўзахга ташланади: «Сизларга фақат қилган амалларингизнинг жазоси берилади».
Қиёмат куни Парвардигори ҳузурига ёмонликлари билан келган банданинг ҳоли даҳшатли бўлади, азоб фаришталари уни юзтубан қилган ҳолда дўзахга улоқтиришади. Бундайларнинг энг катта ёмонлиги шуки, улар Аллоҳга имон келтиришмади, У Зотнинг оятларини ёлғонга чиқариб, инкор қилиб, катта итоатсизлик кўрсатишди. Булар ҳам қолиб, Унинг динига кираётганларни бу йўлдан қайтаришди, мусулмонларга душманлик қилишди, Аллоҳнинг динини тўхтатиб қолмоқчи бўлишди. Лекин шунда ҳам Аллоҳ уларга адолат билан муносабатда бўлади: ёмонлик қилганларга, кофирларга, гуноҳкорларга фақат амалларига яраша жазо берилади, жазолари кўпайтирилмайди. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу хабар қилади: у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Банда мусулмон бўлиб, унинг мусулмонлиги гўзал бўлса, Аллоҳ унинг қилиб ўтган барча гуноҳидан кечади. Бундан кейин фақат қасос қолади. Яхшилик (мукофоти) ўн баробардан етти юз баробаргачадир. Ёмонлик эса, агар Аллоҳ кечиб юбормаса, ўз баробар мисличадир» деганларини эшитган экан (Бухорий ривояти).
91. (Эй Муҳаммад, айтинг): «Мен ушбу шаҳарнинг Парвардигорига, уни ҳарам қилган Зотга ибодат қилишга буюрилгандирман. Ҳамма нарса Уникидир. Мен мусулмонлардан бўлишга амр этилгандирман;
Аллоҳтаоло Ўз Пайғамбарига буюряптики, эй Пайғамбарим, Макка мушрикларига шундай денг: “Мен фақат битта нарсага: фақат ушбу шаҳарнинг Парвардигорига, уни ҳарам қилган, яъни унда қон тўкишни, ўсимликларини юлишни, ҳайвонларини овлашни, бошқа гуноҳ ишларни ҳаром қилган Зотга ибодат қилишга буюрилганман. Ушбу шаҳар ҳам, Ер юзидаги барча мавжудотлар ҳам, борлиқдаги ҳамма нарса ҳам фақат Уникидир. Бунда Унга ҳеч бир зот шериклик қила олмайди. Мен яна Аллоҳга таслим бўлган, ҳамиша Унга итоатда бўлувчи мусулмонлардан бўлишга ҳам буюрилганман”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни: «Албатта, Аллоҳ ушбу шаҳарни ҳарам қилгандир: унинг тикани юлинмайди, ови ҳуркитилмайди, топилмасини эълон қилувчидан бошқаси олмайди», дедилар» (Бухорий ривояти).
92. ва Қуръонни тиловат қилишга ҳам». Ким тўғри йўлга юрса, фақат ўзи учун юрган бўлади. Ким йўлдан озса, унга: «Мен фақат огоҳлантирувчиларданман», денг.
Охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга яна мушрикларга қарата: “Қуръонни тиловат қилишга ҳам буюрилганман” деб айтиш ҳам буюрилмоқда. Дарҳақиқат, ҳар бир мусулмонга Қуръонни ўқиш, уни ўрганиш фарз саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, у ҳалол қилган нарсани ҳалол билса, у ҳаром қилган нарсани ҳаром билса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади ва ўз аҳлидан дўзах вожиб бўлган ўн кишига шафоатчи қилади», деганлар. Қуръони каримни ўқиш, ёд олиш ва унга амал қилиш лозимлиги хусусида яна бошқа кўплаб ҳадиси шарифлар бор. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Қуръони каримни ёд олган одамга уни эсдан чиқариб қўймаслик учун такрорлаб туришни ҳам буюрганлар. «Менга умматимнинг гуноҳлари кўрсатилди. Қуръондан бир сура ёки оят унга берилганида унутиб кўйган одамдан кўра катта гуноҳни кўрмадим», дедилар. Ҳар бир мусулмон намоз ўқиш учун керакли миқдорда Қуръондан ёд олиши бирламчи фарз, яъни фарзи айндир, ҳар бир мусулмон жамиятда ўзларига керакли миқдорда Қуръонни тўлиқ ёд олган қориларнинг бўлиши эса фарзи кифоядир. Қуръони карим Аллоҳтаълимотларининг тўпламидир. Ким бу дунёда Аллоҳга ибодат қилиб яшайман, деса, Қуръонни ўзига дастуруламал тутиб яшамоғи лозим. Ана шундагина у ҳидоят топади. Ҳар бир кишининг ҳидоят топиши эса фақат унинг ўзига фойдалидир, бундан Аллоҳга ҳам, пайғамбар алайҳиссаломга ҳам, Ислом даъватчиларига ҳам фойда йўқдир. Худди шу каби залолатга-адашувга кетган одам ҳам фақат ўзига зарар келтиради, бундайларни тўғри йўлга солиш Аллоҳ Пайғамбарининг вазифаси эмас, балки у зот бундан фақат огоҳлантирадилар, холос.
93. Айтинг: «Ҳамду сано Аллоҳгадир! Яқинда У сизларга Ўз аломатларини кўрсатади, сизлар уларни кўриб, танийсизлар». Парвардигорингиз қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.
Яъни, эй Пайғамбарим, мушрикларга айтинг: “Мақтов ва санолар фақат Аллоҳга бўлади. Яқинда У сизларга Ўзининг қудратига далолат қилувчи аломатларини кўрсатади, сизлар уларни дарров танийсизлар. Охират дунёсида Унинг ваъдалари қандай рўёбга чиқишини ўз кўзларингиз билан кўрасизлар”. Ҳақиқатан биргина Бадр ғазотида Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбарига энг кўп озор етказган Макка мушрикларининг раҳбарларидан энг машҳурларини Бадр жангида шармандаларча ҳалок қилиб, ўликларини эски қудуққа хорлаб ташлаттирди ва кимларга нусрат бериб, кимларни мағлуб қилганини кўрсатиб қўйди, аммо куфр келтирганлар буларни кўриб-билиб ҳам ибрат олишмади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: «Набий соллаллоху алайҳи васаллам (Бадрда) ташландиқ қудуқдагиларга қараб: «Роббингиз ваъда қилган нарса ҳақ эканини топдингизми?» дедилар. У зотга: «Ўликларга гапиряпсизми?» дейилди. Шунда у зот: «Сизлар улардан кўра яхшироқ эшитмайсиз, фақат улар жавоб бера олишмайди», дедилар» (Бухорий ривояти). Эй инсонлар, Аллоҳ таоло ҳар бирингизнинг барча қилмишларингиздан яхши хабардор бўлса ҳам, сизларнинг инсофга келишларингиз, гуноҳларингизга тавба қилиб, истиғфор сўрашларингиз учун маълум муддатгача жазосини кечиктириб туради. Сизлар эса бу марҳаматдан ғафлатда қолиб, дунё ҳаётида гуноҳлардан тийилмайсизлар, Аллоҳга имон келтириш, Унинг Пайғамбарига эргашиш ўрнига Унинг ваҳийларини инкор қиласизлар, Пайғамбарига итоатсизлик кўрсатасизлар. Вақт борлигида, фурсат ғаниматлигида У Зотга имон келтириш, гуноҳларингизга тавба қилиб, ҳидоят сари юришингиз яхшироқ эмасми? Энди айтинглар-чи, Аллоҳ таоло инсонга туғилган ониданоқ тавҳид табиатини берган бўлса, кейинроқ ҳақ ва ботил фарқига бориш учун ақл неъматини берса, унга танлаш қудрати ва эркинлигини берса, ҳис қилиш аъзоларини соғ-саломат қилса, Ислом даъватининг мусаффо ҳолда етиб боришига имкон берса, шаръий таклифларни қулай қилса, шунингдек яна кўплаб ҳидоят воситаларини ато қилсаю, энди унинг ҳидоятдан ташқарида қолишга бирор узри ёки ҳужжати борми? Энди унинг гуноҳ ва қилмишларига, Ислом фарзларини оёқ ости қилишига бирор сабаб ёки баҳонаси борми?