loader

028. Қасас сураси

Маккада нозил бўлган, 88 оятдан иборат

Қуръони каримнинг Қасас (қиссалар) деб ном олган йигирма саккизинчи сураси Маккада нозил бўлган, 88 оятдан иборат. Мазкур сура ўз маъно-моҳияти билан Шуаро ва Намл сураларининг давомидир. Унда инсонлар ибрат олишлари учун икки золим кимсанинг кирдикорлари ва топган оқибатлари ҳақида ҳикоя қилинади. Улардан бири салтанатига қувониб ўзини худо дейишгача борган золим ва мустабид подшоҳ Фиръавн бўлса, иккинчиси топган мол-давлатига маст бўлиб, дину диёнатни унутган Қорундир. Қуръон улардан бирини сув, иккинчисини ер ютгани ҳақида хабар беради. Сурада Аллоҳ таолонинг суюкли пайғамбари Мусо алайҳиссаломнинг ҳаёт йўллари бошқа сураларга нисбатан муфассал ва мукаммал берилгани учун у Қасас деб номланган.
Ушбу сурада ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўмин-мусулмонларга тасалли берилади, улар имон-Ислом йўлида сабрга чақирилади. Мушрик ва кофирларнинг жабр-ситамлари ўткинчилиги, охир-оқибат куфр ва унинг аҳли мағлуб бўлиши, имон ва унинг аҳли ғолиб келиши таъкидланади. Сурада мўминлар устидаги қийин ва оғир шароит вақтинча экани, уларнинг келажаклари порлоқ, зулмнинг оқибати эса ҳалокатли бўлиши алоҳида таъкидлайди. Бунга тарихий мисол ўлароқ, Мусо алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари билан Фиръавн ва унинг қавми орасида бўлиб ўтган қисса муфассал ҳамда ўзига хос услуб билан келтирилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. То сиин миим.
Қуръони каримнинг айрим суралари аввалида келувчи бундай кесик ҳарфлар (хуруфи муқаттаъот) ҳақида олдинги сураларда батафсил маълумот берилган. Ушбу ҳарфларнинг асл маъносини Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот билмайди.

2. Булар очиқ-ойдин Китобнинг оятларидир.
Бу оятлар очиқ-ойдин Китобнинг, яъни Қуръони каримнинг оятларидир. Ушбу Китобнинг ҳеч қандай англашилмайдиган, мужмал, тушунарсиз жойи йўқ. Фақат уни ўрганиш учун бандаларда имон, ихлос, муҳаббат бўлиши лозим. Ушбу суранинг бошланишиданоқ Аллоҳ таоло Ўзининг севимли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, пайғамбарларидан Мусо алайҳиссаломнинг қиссасини баён этиш орқали рисолатини етказувчилар зиммасидаги бурч ва масъулиятларни эслатади.

3. (Эй Муҳаммад), имон келтирадиган қавм учун сизга Мусо ва Фиръавннинг хабаридан ҳақиқати билан тиловат қилиб берамиз.
Ушбу ояти каримада Исломнинг илк даврида мушриклар томонидан қаттиқ азоб-қийноқлар ва тазйиқларга учраган оз сонли мўминлар ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун катта тасалли ва хурсандчилик башорати бор. Маккада ўша даврларда мушрик-кофирларнинг Набий соллаллоху алайҳи васалламга ва оз сонли, бечораҳол мўминларга зулмлари ҳаддан ошган, уларнинг ҳатто кўча-кўйда юришлари ҳам қийин бўлиб кетган эди. Макканинг ҳар жойида мушриклар уларга азоб-уқубат, истеҳзо, жабр-ситам етказишаётган эди. Бундан Пайғамбар бошлиқ мўминларнинг дунёси қоронғу бўлган, нажот ва ёрдам келишидан умидлари ҳам йўқ эди. Мана шундай таҳликали бир пайтда Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин Китоби бўлмиш муқаддас Қуръондан янги оятлар нозил бўла бошлади. Оятда Аллоҳ таоло охирзамон Пайғамбарига ва мўминларга тасалли берувчи қиссани - Мусо ва Фиръавн хабарини тиловат қилиб беришини айтади. Бундай илоҳий иноятдан мўминларнинг бошлари осмонга етади. АллоҳнингЎзи уларга Қуръон оятларини тиловат қилиб бермоқда. Улар ўша Зотнинг розилиги учун шунчалик қийинчиликларга дучор бўлаётганлари учун ҳам Парвардигорлари уларни унутмаган, тарк этмаган, ҳамиша улар билан бирга экан. Шу боис, мўминларнинг сабр-матонатларини тақдирлаб, уларга оятларни Ўзи тиловат қилмоқда. Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида Мусо алайҳиссалом дунёга келган пайтда Миср юртидаги шарт-шароит, у туғилгач, онасининг нима қилгани, балоғатга етган Мусо алайҳиссаломнинг ҳаёти, Мадян юртига кўчиши, пайғамбарликка мушарраф қилиниши, Фиръавн ва қавмини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга чақириши воқеаларини Муҳаммад алайҳиссалом ва мўминларга шундай баён қилиб беради:

4. Дарҳақиқат, Фиръавн ўз ерида туғёнга кетиб, унинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифасини хўрлаб, ўгилларини сўяр, қизларини тирик қолдирарди. Албатта у бузғунчилардандир.
Фиръавн - Миср ҳукмдорларининг умумий номи. Рум подшоҳлари “қайсар”, Яман ҳукмдорлари “туббаъ”, Форс подшоҳлари “кисро” деб аталгани каби Миср подшоҳлари “фиръавн” деб номланган эди. Фиръавннинг номи Қуръони каримда етмиш тўрт марта такрорланган. Кўпчилик муаррихлар ва муфассирлар Мусо алайҳиссалом даврларида Рамзес Иккинчининг фиръавн бўлганини таъкидлашади. Фиръавн туғёнга кетган, золим ва худолик даъвосини қилган подшоҳ эди. Куръони каримда Фиръавн худонинг йўлидан чиққан, фуқароларни ўз хоҳишига бўйсундиришга ҳаракат қилган, бошқаларга ўзини худо сифатида кўрсатган, ўзига бўйсунмаган, айтганини қилмаган, қул бўлишни хоҳламаган одамларга чексиз зулм ўтказган ҳокими мутлақ, мустабид подшоҳ сифатида тавсифланади. Барча золим ҳукмдорлар ўзларига тобеъ бўлган одамларни бир-бирларига қарама-қарши қўйиб, турли тоифаларга бўлиб ташлагани каби Фиръавн ҳам аҳолини турли тоифаларга ажратиб, уларни бир-бирига қарши қилиб қўяди. Тоифалар орасида низо ҳам чиқариб, уларни бир-бирига гиж-гижлайди. Қайси тараф ўзига яхшироқ садоқат кўрсатса, ўзига итоатда бўлса, ўшани қувватлаб, бошқаларнинг томошасини кўриб, ҳукм сураверади.
Мусо алайҳиссалом даврларидаги Миср Фиръавни ҳам шу йўлдан бориб, зулм ва адолатсизликда ҳаддан ошди, қўл остидагиларни ўзига тўлиқ бўйсундирди, Миср аҳолисини бир неча тоифага ажратиб ташлади. Ана шу тоифаларнинг бари давлат ишлари билан боғлиқ юмушларни бажарарди: баъзилари қурилишда банд бўлар, баъзилари сеҳр-жоду билан шуғулланишар, яна бошқа бирлари Фиръавннинг аъёнлари сифатида кечаю кундуз унга ҳамроҳ бўлар ёки хизматини қилишар эди. Фиръавн яна бир тоифани хўрлаб, фарзандларидан ўғилларини сўяр, қизларини тирик қолдирар эди. Фиръавн хўрлаб, зулм кўрсатган тоифа Бани Исроил эди. Бану Исроил қавмларидан кўплаб пайғамбарлар чиққани, қадимдан самовий динлар билан алоқада бўлиб, пайғамбарлар келтирган ақида ва динга эгалиги туфайли Мисрнинг бутпарастлик динини сира қабул қилмас, айниқса Фиръавн шахсига сиғинишни мутлақо истамас эди. Ўзини худо ўрнига қўйган Фиръавн уларни айнан шу сабабдан қаттиқ қийнаб-эзарди. У Бани Исроил қавмида бирор чақалоқ дунёга келиши билан ўғил бўлса, шу заҳоти уни сўйдирар, қиз бўлса тирик қолдирарди. Имом Розийнинг айтишича, “Ўғил болаларни сўйдириб, қизларни тирик қолдириш бир неча томондан: ўғил болаларни ўлдириш наслнинг узилишига сабаб бўлиши; эркакларнинг ҳалок қилиниши туфайли турмушнинг бузилиши ёки оғирлашиши; аёлларнинг ўз яқинларисиз, ҳимоячисиз қолиб, душман қўлида қўғирчоқ бўлиши каби сабаблар билан Бани Исроилга зарар етказиш кўзланган эди”.
Ривоятларда келишича, Фиръавннинг сеҳргар коҳинлари ҳукмдорга «Бани Исроилдан келажакда туғиладиган бир ўғил бола давлатингнинг заволи бўлади» деган хабарни етказишди. Фиръавн мулкининг йўқ бўлиб кетишидан хавотирга тушиб қолади, гарчи ўзи худоликни даъво қилса ҳам тахтига хавф солгани учун оналар қорнидаги ҳомиладан ҳам қўрқади. Фиръавннинг гумашталари унинг бу заиф жойини яхши билишади. Шунинг учун Фиръавнга ёқмаган тоифанинг қорнидаги боласини ҳам унга ашаддий душман, тахтига кўз олайтирган қилиб кўрсатишга уринишади. Шу боис, «Улар дарҳол ўлдирилсин!» деган фармон чиқарди. Шу соатдан бошлаб, Бани исроиллик ҳар бир ҳомиладор аёл ёнида доялар қўшилиб юрадиган бўлди. Аёл туғиши билан доя қарар, ўғил бола бўлса, хабар берар ва жаллодлар болани ўлдиришар эди. Шундай қилиб, Фиръавн ўзининг мисли кўрилмаган шафқатсиз сиёсатини юргизди. Фиръавн бузғунчилардан бўлгани учун ҳам кибр ва туғёнга кетди, шу сабабли ҳам кўнгли истаган одамига асло тортинмай зулм қилаверди.

5. Биз эса у ерда хўрланганларга марҳамат қилишни, уларни пешволарга айлантиришни ва ворислар қилишни;
Шундан кейин Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва иродаси тақозо қилган ҳолатнинг баёнига ўтилади. Бу ҳам бўлса, золим подшоҳнинг қонли қиличи остида эзилган мазлум халқни (Бани Исроилни) озодликка чиқариш, уларнинг кўксига ҳуррият шамоли тегдириш эди. Яъни, Аллоҳ таоло марҳамат этяптики, Биз ўша ерда хўрланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни ҳамма ерда пешқадамларга айлантиришни, уларни Муқаддас ерга меросхўр қилишни истаймиз.

6. ва ўша ерда уларга имкон беришни, Фиръавн, Ҳомон ҳамда икковининг лашкарларига ўзлари қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз.
Яна Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, Биз Бани Исроилни ўша ерда барқарор яшашларига имкон беришни, Фиръавн ва унинг вазири Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига Бани Исроил томонидан ўзлари қўрқаётган нарсани кўрсатиб қўйишни ҳам истаймиз. Фиръавн хоҳлаган ишини кўзлайверсин, аммо унинг истаги ҳеч қачон амалга ошмайди. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фақат Аллоҳ таолонинг истагани бўлади. Аллоҳ таоло эса Ер юзида Фиръавннинг зулмидан эзилиб, унинг хорлашлари, тазйиқлари остида азоб чекиб яшаган, оғир кунларни бошидан кечирган, ўғиллари сўйилиб, қизлари тирик қолдирилганларга Аллоҳ таоло беминнат неъмат беришни истайди. Ўша эзилганлар ҳозирча хор-зор бўлиб юришган бўлса ҳам, келажакда уларнинг пешво, яхши ишларга бошқош ва бошқаларни ўзига эргаштирадиган инсонлар бўлишини хоҳлайди. Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарлари Бани Исроилдан нега қўрқишар эди? Улар салтанатларидан, мол-мулкларидан ажраб қолишдан, уларга завол етишидан қўрқаишр эди. Аллоҳ таоло эса улар йўқотишдан қўрққан нарсани айнан Бани Исроил орқали кўрсатишни ваъда қилмоқда. Бу ваъда золимларнинг азоб-озорларидан алам чекаётган мусулмонлар қалбига тасалли беради, уларга умид бағишлайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳамиша хорланган, эзилган мўминларга ёрдам ва нажот бериб келган.
Ушбу муқаддимадан кейин бевосита Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари бошланади:

7. Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Агар қўрқсанг, уни дарёга ташла! Қўрқма ва хафа бўлма, Биз уни албатта сенга қайтарамиз ва уни пайғамбарлардан қиламиз» деб ваҳий юбордик.
Муфассирлар ушбу оятдаги «ваҳий» сўзи илҳом маъносида келганини таъкидлашган. Чунки Мусо алайҳиссаломнинг онаси пайғамбар бўлмаган, шу боис унга ваҳий келмагани аниқ. Қолаверса, араб тилида, жумладан, Қуръони каримда «ваҳий» сўзи пайғамбарларга келган махсус хабардан бошқа маънода ҳам ишлатилади. Масалан, Наҳл сурасининг 68-оятида «асаларига ваҳий қилдик» деган маъно ҳам бор. Имом Розийнинг айтишича, “Бу нарса ваҳий орқали ё бўлмаса бирор фариштани юбориб, унинг воситасида етказилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас”. Алусий шундай деган: “Унга фаришта орқали ваҳий қилинган. Бу унинг пайғамбар бўлганига далолат қилмайди. Маълумки, пайғамбар бўлмаган кишиларга ҳам фаришталар юборилиши мумкин” (“Тафсирул-Алусий”, 20-жилд, 45-бет).
Мусо алайҳиссалом ниҳоятда хатарли бир замонда дунёга келгани туфайли у кишининг онаси боланинг келажагидан хавотирга тушиб, нима қилишини билмай қолди. Фиръавннинг айғоқчилари янги туғилган гўдакнинг ўғиллигини сезиб қолишса, уни онасидан тортиб олиб, дарҳол ўлдиришлари мумкин. Нима қилиш керак? Инсоннинг, айниқса ожиза аёлнинг қўлида бунинг қандай чораси бўлиши мумкин? Шунда ушбу таҳликали ҳолатга Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Агар қўрқсанг, уни дарёга ташла! Қўрқма ва хафа бўлма, Биз уни албатта сенга қайтарамиз ва уни пайғамбарлардан қиламиз» деб ваҳий юборди. Бу ердаги “дарё”дан мурод Нилдир. Яъни, эй Мусонинг онаси, ўғлингга бирор кор-ҳол бўлишидан қўрқма ҳам, ундан айрилаётганинг учун хафа ҳам бўлма! Чунки боланг Бизнинг ҳимоямиз остидадир. Кимни Аллоҳ таоло Ўз ҳимоясига олар экан, унга ҳеч қандай хавф-хатар дахл қила олмайди, Аллоҳ уни хафа ҳолда қолдирмайди ҳам. Яна Аллоҳ азза ва жалла онага тасалли бериб, ўғли бир куни унинг бағрига эсон-омон қайтиши ва келажакда Аллоҳнинг пайғамбари бўлиши ҳақида хушхабар бермоқда. Шу тариқа Мусонинг онаси Аллоҳ таоло томонидан дилига илҳом қилинган буйруқни бажариб, гўдакни сандиққа солди ва дарёга оқизиб юборди.

8. Кейин Фиръавн хонадони ўзига душман ва ғамларига сабаб бўлиши учун уни тутиб олди. Фиръавн, Ҳомон ва икковининг лашкарлари албатта янглишишган эди.
Ичига Мусо солинган сандиқ дарёда оқиб бориб, Фиръавннинг қасридаги боққа кирди. Фиръавннинг хизматкорлари сандиқни кўриб, дарров тутиб олишди ва уни Фиръавннинг олдига келтиришди. Аслида Фиръавн хонадонидагилар бу билан сезмаган ҳолда ўзларига катта ғам-ташвишни орттираётган ва келажақца ғаним бўлувчи болани қутқариб қолган эдилар. Аллоҳ таоло эса келажакда Мусонинг улғайиб, Фиръавн оиласига душман ва ғам-ғусса бўлишини ирода қилган эди. Фиръавн душманидан ва ғам-ғуссадан қутулишнинг барча чораларини кўрган бўлса-да, Аллоҳ Ўз иродаси билан душманни ҳам, ғам-ғуссани ҳам уларнинг ичига солиб қўйди. Мусо ҳеч нарсага қодир бўлмаган, ҳатто ўзига керакли озуқани ҳам тановул қила олмайдиган гўдак ҳолида душманининг саройига келиб тушди. Фиръавн ҳам, унинг маккор вазири Ҳомон ҳам, ҳатто уларнинг лашкарлари ҳам бунда қаттиқ янглишишган эди. Чунки улар ҳар бир ишда оғир жиноятларни қилар, булардан энг машъуми ўғил болаларни ўлдириб, қизларни қолдириш эди. Ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган, одамларни ўлдиришдан ҳам тап тортмайдиган бу золимлар олдиларига оқиб келган сандиқдаги Бани Исроилга тегишли чақалоқни ўлдиришдан ҳам қайтмаган бўлишарди. Улар шундай қилмоқчи ҳам бўлишди.

9. Фиръавннинг хотини: «Мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни фарзанд қилиб олсак», деди. Ҳолбуки, улар сезишмас эди.
Бошқаларга ўта шафқатсизлиги, бераҳмлиги билан танилган, қалби тош қотган Фиръавнни Аллоҳ таоло энг нозик жойидан ушлади. Унинг хотини қалбига гўдакнинг муҳаббатини жойлади. Аллоҳнинг қудрати ва ҳикмати билан Фиръавннинг хотини гўдак Мусони ҳимоя қила бошлади. Мусо сандиқдан чиқариб олиниши биланоқ хотин эрига қарата: “Бу бола мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончига айланади, у бизга хурсандчилик келтиради”, деди. Кейин лашкарга хитоб қилиб, “Уни ўлдирманглар!” деди. Кейин нега ўлдирилмаслигининг сабабини ҳам айтди: “Эҳтимол, унинг бизга фойдаси тегиб қолар ёки уни фарзанд қилиб олармиз”. Шундай қилиб, кофир Фиръавннинг имонли хотини Осиё Аллоҳнинг иродаси билан Мусони ўлимдан қутқариб, Фиръавн хонадонида яшаб қолишига сабабчи бўлди.
“Ҳошиятул-Жамал” китобида ёзилишича, “Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳим бўлиб, у аёлларнинг энг афзали эди. Осиё бева-бечораларга худди ўз онасидек меҳрибонлик кўрсатар, уларнинг бошини силар, раҳм-шафқат кўрсатар, уларга кўплаб инфоқ-эҳсон қилар эди” (“Ҳошиятул-Жамал ъалал-Жалолайн”, 3-жилд, 337-бет).
Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳимнинг васфида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилинган. Абу Мусо розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Эркаклардан кўпчилик камолотга эришган. Аёллардан эса фақат Фиръавннинг хотини Осиё ва Марям бинти Имрон камолотга эришган. Оишанинг бошқа аёллардан афзаллиги сариднинг (арабларнинг энг ёқимли ва фойдали таоми) бошқа таомлардан афзаллиги кабидир», дедилар» (Бухорий ривояти); Анас розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оламнинг аёлларидан сенга Марям бинти Имрон, Хадича бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад ва Фиръавннинг хотини Осиё етарлидир», деганлар» (Термизий, Насоий ва Ҳоким ривояти).

10. Мусонинг онасининг қалби бўм-бўш бўлиб қолди. Бизга ишонувчилардан бўлиши учун кўнглини хотиржам қилмаганимизда уни фош этиб қўйган бўларди.
Яъни, онаси Мусони дарёга ташлагач, Фиръавн хонадони уни тутиб олганини билди. Ўғлидан айрилганидан сўнг энди унга дунёда яшашнинг қизиғи қолмаган эди. Унинг ўй-хаёлида биттагина нарса - ўғли Мусонинг тақдир ҳукмрон эди. Ҳар қандай она учун янги туққан боласидан ажрашдек оғир мусибат бўлмайди. Мусо алайҳиссаломнинг онаси бошига ҳам ана шундай зилдай ташвиш тушган эди. Лекин Аллоҳ таоло она қалбига буюк бир сабрни солиб қўйди. Ўғли Мусо бир куни онасининг бағрига қайтиши, уни кўриб кўзи қувониши, ғамлардан фориғ бўлиши ҳақидаги Аллоҳнинг ваъдасига тўла ишонгани учун унинг кўнгли хотиржам эди. Аллоҳ таоло аёлнингЎзига имон келтириб, бало-офатларга ва синовларга чидайдиган мўминалардан бўлиши учун унга ўша фазилатни ато этди. Мусо алайҳиссаломнинг онаси сабр-тоқатли бўлди. Акс ҳолда, боласига меҳри жўшиб, у менинг болам, деб билдириб қўйиши мумкин эди. Ҳатто она Фиръавн ва унинг лашкаридан қўрқиб, улар дарёдан тутиб олган бола ўзининг ўғли эканини айтиб қўйишига бир баҳя қолди. Агар Аллоҳ қудрати билан унинг қалбини мустаҳкам, ўзини сабрли қилмаганида у ўзи пинҳон сақлаб юрган сирни одамларга айтиб қўйиши мумкин эди.

11. Она унинг опасига: «Изидан бор», деди. Шунда уларга сездирмай уни бир четдан кузатиб турди.
Ўғли ҳақидаги ўй-фикрлар ва хавотирлар онани тезроқ ҳаракат қилишга чорлади. Мусонинг онаси ўғлининг Фиръавн хонадони томонидан ўғил қилиб олинганини билгач, қизини укасининг изидан боришга буюрди: «Қизим, укангнинг изидан бор, у ҳақда менга бирор хабар олиб кел!» деди. Қиз укаси Мусонинг изидан бориб, охири уни қидириб топди ва ҳеч кимга сездирмай бир пана жойда уни узоқдан кузатиб турди. У Фиръавн хонадонидагиларнинг уксини ахтариб юрганини сезиб қолмаслиги учун яширинишга мажбур эди. Фиръавн хонадонидагилар эса уни сезмадилар.

12. Биз олдин эмизувчиларни ундан тўсиб қўйган эдик. Шунда у: «Мен сизларга унинг учун кафил бўладиган ва унга хайрихоҳ бўлувчи оилани кўрсатайми?» деди.
Аллоҳ таолонинг ҳикматли тадбирлари олдида ҳеч нарса, бирорта куч тўсиқ бўла олмайди. Аввал Фиръавн оиласи аъзоларининг қалбига Мусонинг муҳаббатини солиб, гўдакни ўлдирмай боқиб олиш режасини солиб қўйди. Кейинчалик эса улар мурғак Мусони эмизиш учун сути бор аёлни қидиришга тушишганида Мусога онасидан бошқа бирорта ҳам аёлни эммасликни буюриб, уни эмизувчи аёллардан тўсиб қўйган эди. Мусонинг опаси Фиръавн қасрига яқинлашганида улар Мусони эмизадиган бирорта аёл топа олмай, роса қийин ҳолда туришган эди. Сабаби, қанча эмизувчи аёлни келтиришса ҳам, Мусо алайҳиссалом уларни эммасди. Бу ҳол ҳам Аллоҳ таолонинг ҳикматли тадбири эди. Бундан хабар топган Мусонинг опаси Фиръавн оиласининг ҳеч нарсадан хабари йўқлигидан фойдаланиб: «Сизларга уни эмизиб-боқиб, катта қилиб берадиган, унга кафил бўладиган оилани кўрсатиб берайми? Улар болани ҳеч бир кам-кўстсиз, чиройли боқиб беришади, унга фақат яхшилик ва офиятни раво кўришади» деди. Бу таклифга Фиръавн хонадони ҳеч иккиланмай рози бўлди.

13. Шундай қилиб, Биз кўзи қувониши, хафа бўлмаслиги ва Аллохдинг ваъдаси албатта ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўплар буни билишмайди.
Фиръавннинг яқинлари қизнинг юқоридаги гапларини эшитиб, таклифига кўнишди. Шунда у ўз онасини Фиръавн қасрига бошлаб келиб, унинг хизматкорларига кўрсатди. Аллоҳ таоло буни ўғлининг эсон-омон бағрига қайтиб келганидан Мусо онасининг кўзи қувониши, қалби хотиржам бўлиши, айрилиқдан ташвиш чекмаслиги учун, энг асосийси Ўзининг ваъдаси ҳақ эканини, унинг рўёбга чиқишига асло шубҳа-гумон йўқлигини билиб олиши қилган эди. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли тадбири билан юқоридаги учта мақсаднинг амалга ошиши учун Мусо алайҳиссаломни онасига қайтариб берди. Аммо аксарият одамлар Аллоҳнинг бандаларга берган ҳақ ваъдасига ишонишмайди ёки билишмайди, шу сабабли ҳаётларида кўп бора шошма-шошарликка йўл қўйиб, Аллоҳнинг ҳикматли тадбирлари ортида қандай ҳикматлар яшириниб турганини ҳис қила олмайдилар ёки бу ҳақда фикр юритмайдилар. Айниқса, кофирлар, мушриклар, мунофиқлар ва имони заиф одамлар бу ҳақиқатни мутлақо билмайдилар ёки тушунишни истамайдилар.

14. У вояга етиб, камол топганида, унга ҳикмат ва илм бердик. Яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
Шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом оиласи ва онасидан айрилмаган ҳолда Фиръавн қасрида тарбия топа бошлади. Мусо алайҳиссалом кучга тўлиб, ақли камолга етгач, Аллоҳ таоло уни ҳикмат ва илм билан сийлади. Муфассирларнинг баъзилари “ҳикмат”дан мурод, сўз ва амалда мўлжални аниқ олиш кўзда тутилган, деган фикрни айтишса, айримлари бундан мурод унга пайғамбарликнинг берилишидир, дейишган. Муфассирлар оятдаги “илм”ни эса динда фақиҳ бўлиш, ишларнинг асл моҳиятини идрок этиш, ҳаётдаги воқеа-ҳодисотларни тўғри баҳолай билиш қобилияти деб изоҳлашади. Ушбу ояти каримадаги «вояга етиб» деб таржима қилинган «балаға ашудда» ибораси арабларда жисмоний жиҳатдан вояга етиш, «камол топганида» деб ўгирилган «иставо» сўзини ақлий жиҳатдан камолга етиш маъносида тушунилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Вояга етиш ўн саккиздан ўттиз ёшгача, камолга эришиш ўттиздан қирққача», деганлар. Мана шу жиҳатни эътиборга олган баъзи тафсирчи уламолар Мусо алайҳиссалом ушбу оятда васф қилинган пайтда ўттиз ёшлар атрофида бўлганлар, деб тахмин қилишади. Мусо алай-хиссалом жисмоний, ахлоқий ва руҳоний томондан ана шундай камолга етганларида Аллоҳ таоло у кишига ҳикмат ва илм берди. Ана шу марҳамат зикридан кейин эса Аллоҳ таолонинг «Яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз» деган сўзидан Мусо алайҳис-саломнинг аввал ҳам яхши амаллар қилганлари тушунилади.

15. У шаҳарга аҳолиси ғафлатдалигида кирган эди, унда урушаётган икки кишини кўрди. Буниси ўз гуруҳидан, униси эса душманларидан эди. Шунда ўз гуруҳидан бўлгани душманига қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб, уни ўлдириб қўйди. У: «Бу шайтоннинг ишидир, у йўлдан оздирувчи аниқ душмандир», деди.
Бир куни сафардан қайтиб келган Мусо алайҳиссалом шаҳарга туш пайтида, унинг аҳолиси ғафлатдалигида, яъни бошқа иссиқ ўлкалар каби Мисрда ҳам одатланилгани каби ҳамма истироҳат уй-қусида ётганида кириб келади. Бу ерда “шаҳар” дейилганда Миср ёки унинг яқинидаги Айнушшамс ёхуд Манаф (қадимги Мемфис) шаҳарларидан бири назарда тутилади. Мусо алайҳиссаломнинг шаҳарга ҳамма уйқудалигида яширинча киришига сабаб шуки, Фиръавн ва унинг қавми Мусони ёмон кўришар, шу боси унга душманлик қилишлари хавфи бор эди.
Шаҳарга кириб келган Мусо алайҳиссалом унда бир нарсани талашиб бир-бири билан жиққа-мушт бўлиб уришаётган икки кишини кўриб қолади. Улардан бири ўзининг қавмидан, яъни Бани Исроилдан, иккинчиси эса душмани бўлган Фиръавн қавмидан, Бани Исроилга оғир азоб ва озорлар бераётган қибтийлардан эди. Бани исроиллик киши Мусо алайҳиссаломдан қибтийга қарши ёрдам сўради. Бундан кўриниб турибдики, Мусо алайҳиссалом қавми ичидаги ночор ва муҳтожларга ҳамиша ёрдам бериб юрган. Мусо алайҳиссалом қавмдошига ёрдам бермоқчи бўлиб, уришаётганларга яқинлашди ва бир мушт уриб қибтийни ўлдириб қўйди. Мусо алайҳиссалом қибтийни умуман ўлдирмоқчи эмасди. Нияти фақат яхшилик қилиш бўлган Мусо қаршисида қибтийнингўлиб қолганини кўргач, қаттиқ афсусланди ва «Бу шайтоннинг ишидир, у йўлдан оздирувчи очиқ-ойдин душмандир” , деди». Яъни, қибтийни ўлдиришна мени шайтон ундади, у васаваса қилиб, буни менга зийнатлаб кўрсатди. Чунки шайтон инсонни тўғри йўлдан оздирувчи аниқ душмандир, унинг одамизотга адоватида ҳеч бир шубҳа йўқ. “Мусо бир мушт уриб, уни ўлдириб қўйди” жумласи унинг кучли, бақувват ва олийҳиммат киши бўлганидан дарак беради. Зеро, Мусо алай-ҳиссалом ҳеч бир шубҳа ва иккиланишсиз дарров мазлумга ёрдам беришга ошиқди, аммо унинг бу ҳиммати кўнгилсиз воқеа - қибтийнинг тўсатдан ўлиб қолиши билан якунланди.

16. У: «Парвардигорим, мен ҳақиқатан ўзимга зулм қилиб қўйдим, энди Ўзинг мағфират қил», деди. Шунда У Зот уни мағфират қилди. Унинг Ўзигина мағфиратлидир, раҳмлидир.
Мусо алайҳиссалом кутилмаганда бировнинг ўлимига сабаб бўлиб золимлар қаторига кириб қолгани учун Аллоҳга ёлбориб, даррво мағфират сўрай бошлади: “Парвардигоро, ҳақиқатан бир одамнинг ўлимига сабаб бўлиб, ўзимга зулм қилиб қўйдим, энди бу гуноҳимни Ўзинг кечир, мағфиратингдан умид қиламан”. Аллоҳнинг меҳрибонлиги ва раҳмлилиги шундаки, хатокор бандаси гуноҳ қилгани заҳоти Ундан чин дилдан мағфират сўраса, Аллоҳ ҳам уни дарҳол кечиради. Ундан ўзга ҳеч бир зотнинг бандаларни мағфират қилишга ҳаққи йўқ, Ундан ўзга ҳеч бир зот бандаларга Аллоҳчалик раҳм қила олмайди.
Истиғфор банданинг Яратганга илтижо қилиб, билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиришини сўрашидир. Инсончилик экан, ҳар биримиз ҳар куни, ҳар соатда турли катта-кичик гуноҳларга, хатоларга йўл қўямиз. Баъзан билиб-билмай шариатимиз кўрсатмаларидан чекинамиз, илоҳий амрларни адо этишда эринчоқлик қиламиз. Ана шундай ҳолатларда мўминларнинг иши осон: улар дарров истиғфор айтишга шошилишади. Парвардигорларидан қилган хато ва гуноҳларига мағфират сўрашади. Чунки раҳмати ва меҳрибончилиги беқиёс бўлган Аллоҳ азза ва жалла бандасининг гуноҳларини денгиз кўпигича кўп бўлса ҳам кечиришга ваъда қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифларида бундай деганлар: “Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ таоло унга ҳар бир тангликдан чиқиш йўлини очади. Ҳар турли ғамдан енгиллик, ҳеч ўйламаган томонидан ризқ беради” (Абу Довуд ривояти). Истиғфор айтиб, Аллоҳ азза ва жалладан кечирим сўраган одам камчиликларини тан олиб, Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳкор эканини эътироф этган бўлади. Бу иши эса унинг Парвардигор ҳузурида ҳокисорлигини, инсонлар олдида камтарлигини оширади.

17. У: «Парвардигорим, менга қилган инъоминг ҳаққи-ҳурмати, энди асло жиноятчиларга ёрдамчи бўлмайман», деди.
Аллоҳ таоло Мусонинг билмасдан содир этган жиноятини кечирганидан сўнг Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг мағфиратини ўзига инъом қилинган улуғ неъмат санаб, дарҳол шукрона айтди. Бу неъматга ҳам, Аллоҳ берган куч-қувват, ақл-заковат каби бошқа неъматларга шукр этиб, буларни фақат яхшиликка ишлатишга, жиноятчи кимсаларга бундан кейин асло ёрдам бермасликка аҳду паймон қилди. Яъни, менга берган беҳисоб неъматларингга шукр сифатида ваъда қиламанки, энди зинҳор-базинҳор гуноҳкор, осий ва жиноятчи кимсаларга ёрдам қўлини чўзмайман, уларни ҳимоя ҳам қилмайман. Мусо алайҳиссалом томонидан Аллоҳ таолога қилинаётган ушбу такрор ва такрор дуо-илтижолар унинг қалбининг поклиги, Парвардигори билан алоқасининг мустаҳкамлиги, Ундан қўрқиши ва Аллоҳ билан доимо муроқабада бўлганидан дарак беради. Зеро, Аллоҳ танлаб олган ҳабиб бандаларнинг тутган йўли шуки, улар золимнинг зулмида кўмакчи бўлмайдилар ва уларнинг ёнини ҳам олмайдилар. Қуртубий тафсирида келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким мазлум тарафида туриб, ундан зулмни қайтаришга ҳаракат қилса, оёқлар тойиладиган Кунда (қиёматда) Аллоҳтаоло Сирот кўприги устида унинг икки оёғини собитқадам қилиб қўяди. Ким золим тарафида туриб, унга зулм қилишда ёрдам берса, оёқлар синаладиган Кунда Сирот кўприги устида унинг икки оёғини тойдиради” (Тафсирул-Қуртубий”, 13-жилд, 263-бет).

18. Сўнгра у эрталаб шаҳарда қўрққанича аланглаб кетаётган эди, бирдан кеча ундан ёрдам сўраган кимса яна ёрдамга чақира бошлади. Мусо унга: «Ҳақиқатан сен аниқ гумроҳсан!» деди.
Кечагина бир қибтийни бехос ўлдириб қўйган Мусо алайҳиссалом бу қилмишидан ҳануз қўрқув ва ҳадик ичида эди. У ўзига туҳмат-маломат тошлари отилишидан, бошига турли кўргилик ва кулфатлар тушишидан хавотирда тонг оттирди. Эртасига эрталаб Мусо алайҳиссалом қилмишларининг оқибатини ўйлаб, шаҳарда қўрқув ичра аланглаб кетаётганида баногоҳ кеча ўзидан ёрдам сўраган кимсанинг яна ёрдамга чақираётганини кўриб қолди. Мусо алай-ҳиссалом тавба қилгач, тавбаси қабул бўлган, энди бундай ишларни такрорламасликка ваъда берган бўлса ҳам барибир одамлардан, аниқроғи, Фиръавн ва унинг аъёнларидан хавотирланаётган эди. Шунинг учун ҳам кечаги воқеа ҳақида бирор хабар тарқалмадимикан, деган ҳадик ичида ҳар бир нарсадан ҳадиксираб бораётганида кечаги қавмдошининг учраб қолиши унинг хавотирини янада ошириб юборди. Кеча қибтий билан уришаётганида Мусо алайҳиссалом-ни ёрдамга чақирган бани исроиллик бугун яна бошқа бир қибтий билан уришаётган экан, у яна Мусо алайҳиссаломдан ёрдам сўраб қолди. Кечаги воқеадан таъсирланиб, унинг оқибати нима бўлар экан, деб ҳадиксираб бораётган Мусо алайҳиссалом бу чақириқни эшитгач, уришқоқ қавмдошидан хафа бўлди ва унга: «Ҳақиқатан сен аниқ гумроҳсан!» деди. Бу билан «Сен залолат ботқоғига ботган, жаҳолатга кўмилган бир кимса экансан. Чунки сен кеча бир одамни бехос ўлдириб қўйишимга сабабчи бўлгандинг, бугун мендан яна ўша манфур ишни такрорлашимни сўраяпсанми? Сенинг жоҳил ва нодонлигинг шундаки, сен кучинг етмайдиган одам билан уришмоқчи бўляпсан. Ҳадеб жанжал чиқараверишингнинг ўзи ғирт гумроҳлигингдандир, бундай ишлар нафақат сенга, балки бутун қавмимизга яхшилик келтирмайди. Кеча бўлар иш бўлган эди, энди буниси нима?!» демоқчи эди. Шундай бўлса ҳам мазлум халқининг мазлум вакилига золимларга қарши яна бир бор ёрдам бермоқчи бўлди.

19. Энди у иккисига ҳам душман бўлганни тутмоқчи бўлгани-да у: «Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби мени ҳам ўлдирмоқчимисан?! Сен ер юзида фақат жабр қилувчи бўлишни истайсан, ислоҳ қилувчилардан бўлишни истамайсан», деди.
Мусо алайҳиссалом кечаги ишидан қаттиқ афсусланиб, бундай ишларни энди қилмасликка аҳд этган, кечаги иши оқибатидан хавфсираб, қабиладошини «Сен очиқ-ойдин гумроҳсан» деб айблаб турган бўлса-да, ҳассос ва серҳиммат киши бўлгани, вужуди зулмга қарши қаҳру ғазабга тўлалиги сабабли чидаб тура олмади. Золимга қарши чиқишдан яна ўзини тўхтата олмади. Мусо алай-ҳиссалом ўзи ва Бани Исроил қавмидан бўлганлар учун ашаддий душман саналмиш қибтийни тутиб, урмоқчи бўлган эди, у: “Эй Мусо, кеча бир кишини ўлдирганинг каби бугун мени ҳам ўлдирмоқчимисан? Сен Ер юзида одамларни ноҳақ ўлдириб, жабр-зулм қилувчилардан бўлмоқчисан, шекилли? Ислоҳ қилувчилардан бў-лишни истамаяпсан”, деб қолди. Демак, унинг кечаги воқеадан хабари бўлган. Бани исроиллик билан уришиб турган қибтий ўзини ушламоқчи бўлган Мусо алайҳиссаломнинг кечаги ишларидан хабардор бўлиши мумкин. Золимга мазлумнинг ўзига қарши чиқиши суиқасд бўлиб кўринади. Қибтий Мусо алайҳиссаломни суиқасдда айблади ва кеча бехосдан бўлган ишни юзларига солди. Лекин бу билан кифояланмай, у кишини Ер юзида ноҳақ одам ўлдириб, жабр-зулм қилишда ва уларни яраштириб, ораларини ислоҳ қилишни истамасликда айблай бошлади.
Зулм-ситам ва истибдод кучайган, шахсга сиғиниш авж олган юртларда маънавий қадриятларнинг мезони ўзгариб қолишини қибтийнинг шу гапидан кўриш мумкин. Унинг фикрича, бутун бошли бир халқни қул қилиб олган, уларни эзиб-хорлаган, ўғил болаларини ўлдириб, қизларини тирик қолдирган, мазлум халқни оғир ишларда ишлатаётган Фиръавн одил ва меҳрибон зот бўлармишу, уни жаббор ва бузғунчи дейиш гуноҳи азим саналармиш. Аммо қулликка қарши бош кўтарган, мазлум қабиладошини ўлимдан қутқариш учун ҳаракат қилиб, билмай бир золимни ўлдириб қўйган Мусо алайҳиссалом «жабр қилувчи» ва «ислоҳчилардан бўлишни истамайдиган» одам эмиш. Айрим муфассирлар “Мусо алайҳисса-ломга бу гапларни қибтий айтган, чунки у Мусо алайҳиссаломнинг бани исроиллика айтган “Ҳақиқатан сен аниқ гумроҳдирсан” деган сўзларидан кеча қибтийни айнан Мусо ўлдирганини сезиб қолган”, дейишади. Баъзи муфассирлар эса «Мазкур таънали гапларни қиб-тий эмас, бани исроиллик айтган. Мусо «Сен ўзинг гумроҳ экансан» деб унга қараб юрганларида “мени ўлдиргани келяпти” деб қўрқиб кетганидан айтган», дейишади. Лекин кўпчилик уламолар аввалги фикрни қўллаб-қувватлайдилар.

20. Шаҳарнинг олис четидан бир киши шошганча келиб: «Эй Мусо, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктиришмоқда. Энди чиқиб кет! Мен сенга насиҳат қилувчиларданман», деди.
Мусо алайҳиссалом, бани исроиллик ва қибтий шу алфозда тортишиб туришганида шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб, “Эй Мусо, Фиръавннинг одамлари сени ўлдириш учун тил бириктиришяпти, сен ўз жонингни хатарга қўймай зудлик билан шаҳардан чиқиб кетгин, буни сенга бесабаб айтаётганим йўқ, сабаби мен сенинг фойдангни кўзловчи, сенга холис бўлган кишиларданман”, деб қолди. Шаҳар четидан шошиб келган бу одамнинг Фиръавн қавмидан экани, ўзи имонга келган-у, аммо имонини яшириб юрганлиги бошқа бир сурада келган. Кеча Мусонинг бир қибтийни ўлдириб қўйгани ҳақидаги хабар тез орада бутун шаҳар бўйлаб тарқалиб кетган эди. Фиръавн ва унинг қавми Мусодан қасос олиш учун уни қидиришни бошлаб юборган эди. Фиръавн тузумида Мусо алай-ҳиссалом каби зулмга қарши бош кўтарган бир одамнинг чиқиб қолиши ҳам катта таҳдид бўлиб кўринди. Фиръавн атрофидаги аслзода ва аъёнлар зулмга қарши чиққан ўша исёнкорни қасос баҳонасида дарҳол йўқ қилиш режасини туза бошлайдилар. Аммо бундай золим тузумларда ҳам оз бўлса-да, имонли кишилар топилади. Бироқ улар тузумдан қўрққанлари сабабли имонларини яшириб юришга мажбур бўлишади. Баъзи муҳим гаплардан хабар топганда, айниқса, золимларнинг имон аҳлига қарши тил бириктирганини билганда имонлари тақозоси билан бу ҳақда имонлиларга яширин хабар беришни, уларга йўл-йўриқ кўрсатишни, насиҳат қилишни ўз бурчлари деб билишади. Фиръавн қавмидан бўлган юқоридаги мўмин киши ҳам худди шундай йўл тутди ва Мусони хавф-хатардан огоҳлантирди.

21. Сўнгра қўрқиб, аланглаган ҳолда у ердан чиқиб: «Парвардигорим, мени бу золим қавмдан қутқар!» деди.
Мусо алайҳиссалом золим қавмларнинг жабр-зулмидан қочиб, улар томонидан бирор ёмонлик етиб қолмасмикин, деган ҳадикда, уларнинг назари тушиб қолишидан эҳтиётланган ҳолида туғилган ери, ота-онаси ва яқинлари - ҳамма-ҳаммасини ташлаб, шаҳарни тарк этишга мажбур бўлди. Кечагина Фиръавн хонадонида унинг эркатойи бўлган, айтгани айтган, дегани деган, ҳамма унинг бир оғиз сўзига интизор бўлиб турган киши қўрқа-писа, хавфсираб, биров кўриб қолмаяптимикан, деган хавотирда номаълум томонга, номаълум одамлар ичига кетмоқда эди. Бу ҳолат у кишининг ҳақиқат учун курашгани, зулмга қарши бош кўтаргани туфайли, Фиръавн шахсига эмас, Аллоҳ таолога сиғингани сабабли юз берди. Аллоҳга имон келтирган банда ҳамиша Аллоҳга топинади, доимо ёлғиз Аллоҳдангина ёрдам сўрайди. Мусо алайҳиссалом ҳам шундай қилди, “Эй Парвардигорим, Ўз қудратинг ва фазлу марҳаматинг билан мени золим кимсалар макридан омонда сақлагин, уларнинг зулм ва кирдикорларини мендан даф этгин, бу ишда менга нажот бергин!” деб илтижо қилди.
Мусо алайҳиссалом қиссасининг шу еригача унинг ҳаёти саҳифаларининг бир қисми - балоғатга етгач бошидан кечирган воқеа-ҳодисалар, унинг ғайрати, ҳиммати, шунингдек золимлар зулмидан омонда қолиш мақсадида шаҳарни ташлаб чиқиб кетгани ҳақида сўз юритилди. Сура давомида эса, Мусо алайҳиссаломнинг Мадян шаҳри томон йўл олгани ва у ерда бошидан кечирган воқеалар зикр қилинади.

22. Мадян томон юзланганида: «Шояд Парвардигорим мени тўғри йўлга йўллаб қўйса», деди.
Мадян Шуъайб алайҳиссаломнинг қабиласи ёки унинг ўзи яшаган шаҳар эди. Шаҳар Мадян ибн Иброҳимнинг номига нисбат берилади. Бу шаҳар Фиръавннинг ҳукми остида эмасди. Шунинг учун ҳам Мусо ўша ерга қараб йўлга тушган эди. Мадян жанубда Шом, шимолда эса Ҳижоз билан чегарадош бўлган. Мусо алайҳиссалом қўрқув ичра ёлғиз ўзи чексиз саҳрода нотаниш жойлар томон, бу машаққатли сафарга умуман тайёргарлик кўрмай кетмоқда эди. Имонини беркитган мўмин кишининг кутилмаган ташвишли хабаридан сўнг дарҳол йўлга тушишга мажбур бўлиб қолган эди. У йўл-йўлакай Аллоҳдан умидини узмай: «Шояд Парвардигорим мени тўғри йўлга ҳидоят қилса», деб илтижо қилар эди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг дуосини ижобат қилди ва узоқ, ҳолдан тойдирувчи, машаққатли сафардан сўнг ниҳоят Мадян диёрига эсон-омон етиб келди.

23. Мадян сувига етиб келгач бир тўп одамнинг ҳайвонларини суғораётганини кўрди ва улардан четроқда кутиб турган икки аёлни кўриб: «Сизларга нима бўлди?» деди. Улар: «Чўпонлар кетмагунларича суғора олмаймиз, отамиз эса кексайиб қолган», дейишди.
Мусо алайҳиссалом юра-юра ҳориб-чарчаб, Мадян аҳолиси фойдаланадиган қудуқ олдига етиб борди. У ерда бир қанча одамнинг туя, қўй каби чорва ҳайвонларини суғориб турганини кўрди. Улардан бошқа бир тарафда икки аёл қўйларини бошқа ҳайвонларга аралашиб кетишдан тўсиб турар эди. Ўша икки аёл бегона эркаклар орасига киришдан ҳаё қилиб, уларнинг ҳайвонларини суғориб бўлишларини кутиб туришарди. Бу ҳолатни бир четда кузатиб турган олийҳиммат, юксак мурувват ва тоза қалб эгаси, ҳамиша ҳақиқат учун курашиб келган ва заррача ҳақсизликка чидамайдиган Мусо алайҳиссалом ўша икки аёлдан “Сизлар нима қилиб турибсизлар?” деб сўради. Яъни, не сабабдан қўйларингни суғормаяпсизлар? Бунда сизларга нима монеълик қилмоқда? Икки аёл бунинг сабабини шундай тушунтиришди: “Одатга кўра аввал чўпонлар ўз чорвала-рини суғориб олишмагунча биз қудуққа яқинлаша олмаймиз. Улар кетишгандан кейингина қўйларимизни суғориб оламиз. Чунки эркаклар билан тортишиб, жой талашгани ҳаё-одобимиз ҳам, имонимиз ҳам йўл қўймайди. Аслида бизларнинг бу ерга келишимиз ҳам ахлоққа тўғри келмайди, аммо бу ишни бажаргани бошимизда бирор эркак йўқ, отамиз эса кексайиб қолганлар, ҳайвон суғориш-га ярамайдилар”. Бу жавобни эшитган Мусо алайҳиссалом имонли, ориятли эркакларга муносиб иш кўриб, тезда аёлларга ёрдам қўлини чўзди.

24. Шунда икковига суғориб берди, кейин бир сояга бориб: «Парвардигорим, менга нима эҳсон туширсанг, ўшанга муҳтождирман», деди.
Мусо алайҳиссалом бояги икки аёлни қийинчиликдан қутқариб, дарров ҳожатларини раво қилди. Сўнг бир четдаги дарахт соясига (бошқа бир ривоятларда “девор соясига” дейилган) бориб ўтирди ва Парвардигорига тазарру-илтижо қилди: “Эй Парвардигорим, мен Сенинг Ўз даргоҳингдан туширадиган эҳсон-яхшилик ва ризқ-рўзга муҳтожман!”. Чунки у кишининг ҳозир ёрдам берадиган ҳеч кими ва тирикчилик учун ҳеч нарсаси йўқ эди. Ёнида бир ҳамроҳ ҳам, егани бурда нон ҳам, тунагани жойи ҳам йўқ, тезда бўлишидан дарак ҳам йўқ. Табарий шундай ёзади: “У бу гапни айтганида унинг очликдан бир аҳволга келганини бошқалар кўрса, раҳми келиб кетарди. Жуда ночор аҳволда бўлса-да, Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан бир луқма егуликдан бошқа нарса сўрамади” (“Тарихи Табарий”, 1-жилд, 203-205-бетлар). Фақат бандаларнинг ҳожатини раво қиладиган, муҳтожликдан қутқарадиган, бошига иш тушганда ёрдам берадиган ёлғиз Аллоҳ бор! Шунинг учун Мусо Аллоҳнинг Ўзига ёлборди: «Нима яхшилик туширсанг, ўшанга муҳтожман, Сендан бошқадан умидим йўқ!». Ҳамма нарсани кўриб турувчи Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг бу ҳолини кўриб, унинг ихлос билан дуога кўтарилган қўлини бу сафар ҳам бўш қайтармади. Аллоҳ таоло унинг бошига тушган машаққатни тезда бартараф қилди. Барча мушкулотларни осон қилувчи Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг мушкулларини ҳам қандай осон қилганини келгуси оятларда кўрамиз.

25. Сўнг икковидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам бизларга суғориб берганингнинг ҳақини тўлаш учун сени чақиряпти», деди. Унга келиб, бўлган воқеани сўзлаб берганида у: «Кўрқма, золим қавмдан қутулдинг», деди.
Ушбу оят ҳақида Ибн Касир тафсирида шундай дейилган: “Икки аёл қўйларини суғориб, оталарининг олдига келишгач, у бундан ажабланади. Ким яхшилик қилганини сўраганида қизлари Мусо алайҳиссаломнинг ёрдам берганини айтишади. Шунда ота икки қизидан бирини Мусони чақириб келишга юборади. Хаёлига ғарқ бўлиб, ёлғиз ўтирган Мусо алайҳиссаломнинг олдига ҳалиги икки қизнинг бири ибо билан келиб: «Отам бизларга суғориб берганингнинг ҳақини тўлаш учун сени чақирмоқда», деди». Яна Ибн Касир шундай дейди: “Муфассирлар ушбу икки қизнинг отаси ким экани ҳақида турли фикрларни айтишган: баъзилари “У Шуъайб алайҳис-салом эди”, дейишган. Бу фикр Ҳасан Басрий каби кўпчилик уламолар томонидан айтилган, уни Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган”. Имом Табароний шундай ривоят қилади: “Маслама ибн Саъд ал-Анзий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборилганида у зот унга қарата “Марҳабо, эй Шуъайб қавми”, деганлар. Бошқа муфассирлар “У Шуъайбнинг жияни бўлган” ҳам дейишади. Шундан сўнг Ибн Касир хулоса ўрнида шундай дейди: “У Шуъайб эмас. Агар у ҳақиқатан Шуъайб бўлганида исми Қуръонда келтирилган бўларди. Баъзи ҳадисларда Мусо ва Шуъайб алайҳиссаломлар қиссаси ривоят қилинган бўлса-да, лекин уларнинг санади саҳиҳ эмас” (“Тафсиру Ибни Касир”, 6-жилд, 238-бет). Бу муфассирлар ўз фикрларини исботлаш учун «Энг асосийси, тарихда ва Қуръонда собит бўлиши-ча, Шуъайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломдан анча олдин, Лут алайҳиссаломга яқин даврда яшаган. У киши Иброҳим алайҳиссалом даврларида, яъни Мусо алайҳиссаломдан тўрт юз йил олдин ўтган.
Шуъайб алайҳиссалом қариган чоғида қавмининг ҳалокатидан сўнг фақат мўмин кишилар билан қолган. Улар ҳеч қачон пайғамбарларини қаровсиз қўйиб, унинг қизларига навбат бермай, ўз ҳайвонлари-ни суғоришлари мумкин эмас эди» деган далилларни келтирадилар.
Мусо алайҳиссалом қизнинг чорловига жавобан кекса ота билан учрашиш учун унинг манзилига борди. У ерга киргач, салом-аликдан сўнг уй эгасига бошидан ўтган ҳодисаларни бир бошдан гапириб берди. Кўпни кўрган қария меҳмоннинг кўнглини кўтариб, «Қўрқма, энди золим қавмнинг тазйиқ-таъқибларидан қутулиб кетдинг, Аллоҳ таоло сенга золимлар зулмидан нажот берди», дейди. Қариянинг бу сўзлари Мусо алайҳиссаломга ўз пайтида ва ва мавридида айтилган эди. Зеро, ўша шароитда Мисрдан қўрқув ва хавф ичра чиқиб кетган, бегона ўлкага бориб қолган Мусонинг кўнглини кўтариш, дилига бироз бўлса-да таскин бериш учун бундай сўзлар жуда зарур ҳам эди.

26. Бири: «Эй отажон, уни ёллагин, чунки сен ёллайдиган бу яхши киши кучли ва ишончлидир», деди.
Қариянинг икки қизидан бири отасига “Эй ота, уни ишга ёллагин, зеро, сен ёллайдиган бу яхши киши куч-қувватли, ишончлидир”, деди. Афтидан бу сўзлар Мусо алайҳиссаломнинг олдига ҳаё ва одоб билан келиб, «Отам бизларга суғориб берганингнинг ҳақини тўлаш учун сени чақиряпти» деган қиз томонидан айтилган бўлса керак. Бундан қариянинг оиласида тарбия топган қизларнинг билимдон, ақлли, доно, сермулоҳаза ва ҳаё-иффатли бўлиб ўсганлари кўриниб турибди. Қизлар оталари кексайиб қолгани, уйда бошқа эркак киши йўқлиги учун ҳайвонларни ўзлари боқишга, суғоришга, эркакларга аралашиб юришга мажбур бўлишган. Ёш, бақувват ва мусофир бир йигитнинг пайдо бўлиб қолиши уларнинг оиласидаги чўпонлик муаммосини ҳал қилишга қулай фурсат эди. Шунинг учун қизлардан бири отасига таклиф киритиб: «Эй отажон, уни ишга ёллаб олгин», деди ва ортидан бу таклифи билан ишга ёлланувчининг кучли ва ишончли эканини тасдиқлашини ҳам қистириб ўтди. Зотан, қизлар ҳайвонларини суғориш ва оталарининг амри билан Мусо алайҳиссаломни чақириб келиш пайтида у кишининг кучли ва ишончли одам эканини сезишган эди.

27. У айтди: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман. Энди агар ўн йилга етказсанг - ўзингнинг ишинг, мен эса сени қийнашни истамайман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан».
Кекса ота қизининг пок ният, соғлом ақл ва кучли ишонч билан айтган сўзларини мулоҳаза қилиб кўриб, унинг таклифини рад эта олмади ва шундай йигитни куёв қилиб олиш имконини қўлдан чиқаргиси келмади. “Эй Мусо, мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман, бунинг эвазига менинг хонадонимда саккиз йил ишлаб беришинг шарт қилинади. Агар бу муддатни ўн йилга етказсанг, қаршилигим йўқ, мен сенга қийинчи-лик бўлишини истамайман, ҳаммаси ўз хоҳишингга боғлиқ. Агар қўйларимни ўн йил боқиб, ижарада ишлаб берсанг, бу, сен томонингдан бизларга кўрсатиладиган ғамхўрлик ва саҳоват бўлади. Мен сени бу йиллар давомида қийноқ ва машаққатга солишни истамайман. Ваъдамга ишонавер, мен одамни алдамайман, иншааллоҳ, менинг солиҳ, ишончли кишилардан эканимни кўрасан”, деди. Қариянинг “иншааллоҳ” деб айтиши унинг мўмин эканидан дарак беради. Зеро, фақат мўминларгина барча ишларини Аллоҳ таолога ҳавола этиб, У Зотдан тавфиқ ва мадад сўрайдилар, ҳамма нарса ёлғиз Аллоҳнинг иродасига боғлик эканини яхши биладилар. Мусо алайҳиссалом бу доно мўйсафиднинг таклифини мамнунлик билан қабул қилди.
Ушбу оятларда солиҳа аёлни солиҳ кишига никоҳлаб беришга тарғиб қилинмоқда. Бу, ақлли ва доно оталар тутадиган тўғри йўлдир. Шавконий айтади: “Ушбу оятда қизнинг валийси уни бирон эркакка бағишлаши шариатга мос экани айтилмоқда. Масалан, Умар розияллоҳу анҳу қизи Ҳафсани Абу Бакр ва Усмон розияллоҳу анҳуларга таклиф қилган” (“Тафсиру Фатҳил-қодир лиш-Шавканий”, 4-жилд, 169-бет).

28. У айтди: «Бу сен билан менинг ўртамиздагидир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам ҳам менга зўрлик қилинмас. Айтаётганларимизга Аллоҳ гувоҳдир», деди.
Қария қўйган шартларга жавобан Мусо алайҳиссалом шундай деди: «Сен айтган таклиф ва қўйган шартларинг икковимизнинг ўртамиздаги битим-шартномадир. Унга мен ҳам, сен ҳам вафо қилишга келишдик. Икки муддатдан қай бирини - саккиз ёки ўн йилдан қайси бирини ўтасам ҳам менга зулм қилинмаслигини билиб турибман. Айтган гапимизга, тузган шартномамизга Аллоҳ гувоҳдир, Унинг гувоҳлиги шоҳидликларнинг энг яхшисидир», деди. Ибн Касирнинг келтиришича, Мусо алайҳиссалом келишилган икки муҳлатдан энгузоғини (яъни ўн йилни) адо этган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: “Мен Жаброил алайҳиссаломдан “Мусо икки муддатдан қай бирини бажарган?” деб сўрадим. У: “Энг мукаммали ва тўлиғини (бошқа ривоятда: “энг яхшиси ва комилини”), деб жавоб берган” (“Тафсиру Ибни Касир”, 6-жилд, 240-бет).
Шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом ўз давридаги энг катта давлат саройининг амиридан энг катта чўлдаги чўпонга айланди. Энг забардаст подшоҳнинг кўз қувончи, боқиб олган ўғли мақомидан энг заиф, ўрнидан қимирлаши қийин бўлиб қолган бир мўйсафиднинг мардикори бўлиб қолди. Аммо буюк кишилар учун бундай ҳолатлар Аллоҳ таолонинг бир синовидир, зеро, мансаб ва бойликлар уларнинг мартабасини баландга ҳам кўтара олмайди, пастга ҳам тушира олмайди. Бундай ҳолатлар уларнинг кимлигини синайди, улардаги мардлик, мурувват, сабр-матонат ва бошқа етуклик сифатларини яна бир бор намойиш қилади. Ушбу ояти карималар ҳақида фикр юритиб кўрган киши Мусо алайҳиссаломнинг ҳаёт йўлларидаги турли синов кунларида қилган чиройли сабри, унинг олий ҳиммати, муруввати. нафсидаги ижобий хислатлари, ҳар қандай шароитда ҳам Аллоҳни эслаб, Унга дуо билан тазарру-илтижолар қилгани яққол намоён бўлиб турибди. Шунингдек, бу ўринда соғлом фитратга хос сифатлар, тўғрисўзлик, ҳаё, иффат, очиқкўнгиллилик каби мақталган фазилатларни ҳам кўрамиз. Булардан ташқари, қариянинг етук ақли, ҳикматли ва ширин сўзлари, қўрқув ва ҳадик ичра турган одамга айтган хотиржамлик бағишлайдиган тасалли-таскинларидан унинг қизларига меҳрибон ва яхшиликни истайдиган ота ҳамда Аллоҳнинг амрига биноан иш тутадиган бир солиҳ мўмин эканини ҳам билиб оламиз.

29. Мусо муддатни ўтагач, оиласи билан йўлга тушиб, Тур томонда бир олов кўриб қолди. У аҳлига: «Сизлар кутиб туринглар, мен бир оловни кўриб қолдим. Балки у ердан сизларга бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ олиб келарман», деди.
Мана белгиланган вақтўтиб, Мусо алайҳиссаломнинг кекса қайнота билан аҳдлашишган йиллар ортда қолди. Икковлари нимага шартлашишган бўлса, шунга қатъий амал қилишди. Мусо алайҳиссалом ўн йил мобайнида қариянинг қўйларини боқди, унинг қизларидан бирига уйланди. Энди Мусонинг қариядан рухсат олиб, ўз аҳли-оиласи билан Мисрга (бошқа ривоятда айтилишича, Байтул-Мақдисга) қайтиш фурсати ҳам етиб келган эди. Қиссанинг давомида Мисрга қайтиш чоғида қандай ҳодисалар содир бўлгани зикр қилинади. У Миср томон кетар экан, Тур тоғи атрофида катта бир олов ёнаётганини аниқ-равшан кўрди. Шундан сўнг аҳли-оиласига “Сизлар шу ерда кутиб туринглар, аниқки, мен бир оловни кўрдим. Шояд, сизларга ўша ердан бирор хабар ёки совуқдан исиниб олишингиз учун бир парча чўғ олиб келсам!” деди. Ибн Касир шундай ёзади: “Бу ҳодиса Мусо ўзи ва қайнотаси ўртасида тузилган қўйларни боқиб бериш ҳақидаги шартномани адо қилганидан кейин юз берган. Мисрни ўн йилдан зиёдроқ вақт ичида кўрмаган Мусо аёли билан Мисрга қараб кетаётган эди. Улар тўсатдан адашиб қолишди. Ўша маҳалда қиш тунларидан бири эди, совуқ, шамол, қоп-қора булутлар ва қуюқ туман теварак-атрофни зимистонга айлантирган эди. Улар бир дарада қўним топишди. Мусо одатига кўра чақмоқтош билан ўт ёқишга уринди, аммо буни уддалай олмади. Ҳатто биргина учқун ҳам чиқара олмади. У мана шу ҳолатда турганида Тур тоғи тарафда бир оловни кўриб қолди” (“Тафсиру Ибни Касир”, 5-жилд, 270-бет).

30. Унинг олдига етиб келганида у муборак жойдаги водийнинг ўнг томонидан, дарахтдан унга нидо қилинди: «Эй Мусо, Мен оламларнинг Парвардигори - Аллоҳдирман;
Мусо алайҳиссалом узоқдан кўринган олов олдига келганида ўнг тарафидан бир нидо эшитилди. Бу овоз ўша пок жойдан, дарахт жойлашган муборак бир макондан келаётган эди. Мусо алайҳиссалом эшитган нидо шундай эди: “Эй Мусо, Мен барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳдирман”. Ибн Касир ушбу оятни шундай тафсир қилган: “Эй Мусо, сенга хитоб қилаётган ва сен билан гаплашаётган Зот оламлар Парвардигоридир. У хоҳлаган ишини қилади. У буюкдир, зоти ва сўзида махлуқотларига ўхшашдан покдир!” (“Тафсиру Ибни Касир”, 6-жилд, 244-бет).

31. асойингни ташла». Унинг илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, қайт ва қўрқма, чунки сен омонликда бўлувчилардансан;
Мусо алайҳиссалом оловнинг ёнига етиб борса, тўсатдан водийнинг ўн томонидан, дарахтдан унга бир нидо қилинди. “Эй Мусо, Мен барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳдирман” деган хитобдан сўнг унга “Асойингни ерга ташла!” деган амр ҳам бўлди. Бу ҳол ҳақиқатан ажойиб, ғайритабиий эди. Бепоён саҳродаги тоғнингўнг томонида, муборак бир жойда Аллоҳ таоло фариштани ҳам ўртага қўймай, Мусо алайҳиссаломга бевосита Ўзи нидо қилмоқда. Мусо алайҳиссаломнинг кутилмаган нидони дарҳол ўзига қабул қилиб, сингдириб олиши қийин эди. Яна нидо давом этиб, энди «Асоингни ташла» деб ҳам хитоб қилинди. Мусо алайҳиссаломнинг қўлларида асо (ҳасса) бор эди. Бу буйруқни эшитгач, асони ерга ташлади. Кейин асонинг илон каби қимирлаётганини кўриб, қўрқувдан ортига қочди. Илонга йўлиқишга тайёр турган одам ҳам уни кўрганда бир сесканиб олади, ўзини ундан олиб қочади. Энди кутилмаганда қўлидаги таниш асоси бирдан катта илонга айланиб, ҳар томонга юра бошлаган пайтда Мусо алайҳиссаломнинг қандай ҳолга тушганини тасаввур қилиш қийин эмас. У киши асодан пайдо бўлган илоннинг олдига бориб, унинг моҳиятини аниқлашга уринмади, балки сесканиб, ортга қочди. Шунда Аллоҳ таоло тарафдан яна бир нидо келди: «Эй Мусо, келавер, қўрқма, албатта сен омонда бўлувчи кишилардансан». Яъни, эй Мусо, сен аввалги турган жойингга кел, кўрган нарсангдан қўрқма! Чунки сен Бизнинг даргоҳимизда хавф-хатардан омонда бўлган ва рисолатимизни инсонларга етказиш учун танлаб олинган бандаларимиздансан!”.

32. қўлингни ёқанг ичига кирит, ҳеч бир зарарсиз оппоқ бўлиб чиқади. Қўрққанингда қўлларингни кўкрагингга торт. Мана шу иккиси Парвардигорингдан Фиръавн ва унинг аъёнларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар».
Аллоҳ таоло ушбу оят орқали Мусо алайҳиссаломнинг қалбига хотиржамлик киритиб, ундан қўрқувни бартараф этиш йўлларини ўргатмоқда: “Қўлларингни ёқанг ичига (баъзи муфассирлар “чўнтакка” дейишган) киритгин, шунда у ҳеч бир зиёнсиз оппоқ бўлиб чиқади. Агар бундан қўрқсанг, қўлларингни кўкрагингга торт!”. Яъни, агар қўлингнинг оппоқлиги ва чароғонлиги сени қўрқувга солса, унда қўлингни кўкрагингга сурт, шунда қўрқувдан фориғ бўласан. Ушбу жумладаги “қўлларинг” деб таржима қилинган “жанаҳака” сўзи аслида “қанотларинг” деган маънони англатади. Бунда инсон қўллари қушнинг қанотларга ўхшатилмоқда. Чунки қуш бирор нарсадан қўрқса, қанотини танасига қаттиқ сиқиб олиб, ўзини босади. Шунингдек, инсон ҳам қўрққан пайтида қўлини кўксига босса, қўрқуви кетади. Кўкракка босилган қўл дуккиллаб ураётган юракни тинчлантиради. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга мана шуни баён қилиб бермоқда. Аллоҳ таоло Мусога нидосининг давомида: “Мана шу иккиси Парвардигорингдан Фиръавн ва унинг аъёнларига икки ҳужжатдир”, деб марҳамат қиляпти. Бу ердаги “икки ҳужжат”дан мурод асо ва қўл мўъжизаларидир. Бу ўринда “ҳужжат” деб ўгирилган “бурҳон” сўзи қарши тарафни ожиз қолдириб, бунга қаршилик кўрсатишга қодир бўла олмайдиган даражада ишончли, очиқ-ойдин ва кучли ҳужжат” маъносини ифодалайди. Яъни, эй Мусо, Биз сенга ато этган икки мўъжиза - асо ва қўл мўъжизасининг Парвардигоринг тарафидан қилинганига асло шубҳанг бўлмасин. Энди сен ушбу икки мўъжиза билан Фиръавн ва аъёнларининг олдига бориб, уларга Бизнинг рисолатимизни етказ! Уларни фақат ва фақат Менга ихлос билан ибодат қилишга чақир! Ҳақиқатан, улар фосиқ қавмлардан бўлди, Фиръавн ва унинг қўл остидагилар тоатдан маъсиятга, Ҳақдан ботилга қараб кетди.
Мусо алайҳиссалом елкасига оғир масъулият юкланаётганини ҳис этди. Шу билан бирга, ўтган ҳодисаларни ва келажакда бўладиган эҳтимолларни ҳам ҳисоб-китоб қилди. Бу ҳақдаги мулоҳазаларини оламлар Парвардигорига шундай баён қилди:

33. У айтди: «Парвардигорим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман, мени ўлдиришларидан қўрқаман;
Қиссанинг шу ерида Мусо алайҳиссалом ўзи билан Фиръавн ва унинг қавми ўртасидаги адоватга сабаб бўлиб келаётган ҳодиса ҳақида шундай хитоб қилди: “Парвардигоро, мен улардан бир кишини ўлдириб қўйганман, шунинг учун мени ҳам ўлдиришларидан қўрқиб юрибман”. Мусо алайҳиссалом бу сўзлари билан Аллоҳ таолонинг рисолатини инсонларга етказишдан ўзини асло олиб қочаётгани йўқ, балки ўша фосиқ, нодон қавм олдига борганида беихтиёр қилинган қотиллик сабабли ўзига бирор зарар етиб қолишидан хавотирланиб, Аллоҳдан паноҳ беришини, Ўз ҳимоясига олишни сўраётган эди. Мусо алайҳиссаломнинг бу мулоҳазалари ўз манфаати ҳақида ўйлаш, ўзини эҳтиёт қилиш, ўлимдан ёки ёлғончи бўлишдан хавфсираш эмас эди. Бундай бўлганида, Аллоҳу кишини пайғамбарликка танламаган бўларди. Мусо алайҳиссаломнинг бу мулоҳазалари дину диёнат, даъватнинг тақдири ҳақида қайғуриш эди.

34. оғам Ҳоруннинг мендан кўра тили бурророқ, мени тасдиқлаши учун уни ҳам менга ёрдамчи қилиб юбор, зеро улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқаман».
Мусо алайҳиссалом Парвардигоридан рисолатни етказишдаги яна бир ишда ёрдам беришини илтижо қилди. Яъни, эй Парвардигорим, ўша золим қавм олдига борганимда мен билан бирга биродарим Ҳорунни ҳам юборгин. Чунки унинг тили бурро ва фасоҳатли (Мусо алайҳиссаломнинг тили бироз дудуқланар, бу даъватни етказишга халал беради, деб ўйларди). Шунингдек, Ҳорун менга рисолатни етказишда кўмакчи бўларди, мен тарғиб қилаётган нарсаларнинг ҳақ эканини тасдиқлаб турарди, агар менга бирор кор-ҳол бўлса, у менингўрнимни эгалларди. Агар шундай қилмасанг, Фиръавн ва унинг қавмининг мени ёлғончига чиқаришларидан, менга зиён етказишларидан қўрқаман. Мен улардан бани исроиллик билан уришаётган қибтийни билмай, бехосдан ўлдириб қўйганман. Фиръавннинг аъёнлари мени ўлдириш учун тил бириктираётганларида эса қочиб кетганман. Энди яна кириб борсам, уларнинг эски адовати қўзиб, мени ўлдириб қўйсалар, диний даъват иши нима бўлади, деб қўрқаман. Мусо алайҳиссалом тилидан айтилаётган ушбу сўзлар унинг Парвардигорининг рисолатини бошқаларга ҳам етказишдаги жонбозлиги, унинг яхши натижа беришига ўта муҳаббатли бўлганидан дарак баради.

35. У Зот айтди: «Биз сени оғанг билан қувватлантирамиз ва икковингизга ҳукмронлик берамизки, улар сизларга ета олишмайди. Бизнинг мўъжизаларимиз билан икковингиз ҳам, сизларга эргашганлар ҳам ғолибсизлар».
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга сўраганларидан ҳам ортиғини берди. Аллоҳ таоло танлаган бандасига буни шундай етказди: “Эй Мусо, Биз сен сўраган нарсаларни ато қиламиз. Сени биродаринг Ҳорун билан қувватлантирамиз ва ёрдам берамиз.Ўзимизнинг қудратимиз, иродамиз билан икковингизга кучли ҳужжат, куч-қувват, ғалаба ато этамиз. Булар сизларни золимлар хуружидан омонда асрайди. Сизлар асло хавотир олманглар, Фиръавн ва унинг қавми асло зарар етказа олмайди”. Ушбу сўзлар Мусо ва Ҳорун алайҳисса-ломларга янада далда ва ғайрат бағишлаш мақсадида айтилди.
Шундай қилиб, бировнинг қўлида чўпонлик қилиб юрган Мусо алайҳиссалом улул-азм (улуғ) пайғамбарга айланди. Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар улуғ Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, Фиръавннинг олдига уни Ҳаққа даъват этиш ва Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишга ундаш учун йўл олишди. Улкан бир халқ бўлмиш Бани Исроилни озод қилиш, илоҳий бир динни татбиқ этишга ғайрат билан киришишди. Демак, Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар ҳамда уларга эргашганларнинг ғолиб бўлишлари аниқ, чунки уларнинг ортида буюк Аллоҳнинг Ўзи бор, нусрат-зафарга эришиш учун Аллоҳнинг оятларини дастуриламал қилган ҳолда Унинг тоатида собитқадамлик ва ихлос билан ҳаракат қилинса кифоя.

36. Мусо уларга аниқ мўъжизаларимизни келтиргач, улар: «Бу сеҳрдан бошқа нарса эмас. Ўтган ота-боболаримиздан ҳам бу ҳақда эшитмаганмиз», дейишди.
Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва унинг қавми олдига келиб, уларни залолатдан ҳидоятга чиқариш, ибодат қилишга ёлғиз муносиб бўлган Зот - Аллоҳ таолога бўйсунишга даъват қилганида улар имон келтириб, пайғамбарга эргашиш ўрнига баҳона излашга ўтишди. Мусо алайҳиссалом кўрсатган Аллоҳнинг мўъжизаларини “Бу сеҳрдан бошқа нарса эмас! Буларни ўзинг тўқиб чиқаргансан” дейишгача боришди. Сўнгра улар ўзларининг ботил сўзларига бундан ҳам ўтиб тушадиган сўзларни кўшимча қилишди: “Бизлар бу нарсани ҳатто олдин ўтиб кетган ота-боболаримиздан ҳам эшитган эмасмиз”. Яъни, эй Мусо, сен айтган нарсани - Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилиш лозимлиги ва сенинг пайғамбар эканингни аввалги аждодларимиз даврида ҳам эшитмаганмиз. Қавм оғзидан чиқаётган бу куфр сўзлари уларнинг Ҳақдан юз ўгиришларига, ўзлари ўрганиб қолган ботил эътиқодга сира ўйлаб ўтирмай муккадан кетганларига далолат қилади.

37. Мусо айтди: «Парвардигорим Ўз ҳузуридан ким ҳидоят келтирганини ҳам, охират диёрининг оқибати кимга бўлишини ҳам яхши билувчидир. Золимлар асло нажот топишмайди».
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ пайғамбарининг сўзларига ишонмай, уни сеҳргарга чиқарган фиръавнийларнинг юқоридаги иддаоларига жавобан шундай деди: “Мени ва сизларни яратган Парвардигорим ким Ўз ҳузуридан ва Ҳақ ила келганини ҳаммадан яхшироқ билади. Шунингдек, У Зот қиёматда кимга чиройли оқибат, гўзал якун насиб этишини ҳам яхши билувчидир”. Яъни, кимни ҳидоят билан пайғамбар қилиб юбориш Аллоҳ таолонинг ишидир. Менинг пайғамбарлигимни тан олмасанглар ҳам, Аллоҳнинг Ўзи яхши билиб туради, сизларнинг инкорингиз билан иш ўзгариб қолмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло пайғамбарлар ва уларга эргашган мўминларга хайрли оқибат ва нажот беради. Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтираётган, пайғамбарини инкор этаётган ва Унинг мўъжизаларини сеҳрга чиқариб, ўзига зулм қилганлар дунё ва охиратда асло нажот топишмайди.

38. Фиръавн айтди: «Эй аъёнлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа илоҳни билмайман. Сен, эй Ҳомон, лойни пишириб, мен учун бир баланд минора қур, шояд Мусонинг илоҳини кўрсам. Мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман».
Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг пайғамбари сифатида Фиръавннинг олдига келиб, унинг шахсига сиғинаётган одамларни Аллоҳга ибодат қилишга, Унинг кўрсатмалари бўйича яшашга чақириши ҳукмдорни ташвишга солди, у шошилинч равишда ўзининг илоҳлик даъвосини такрорлади. Мусо алайҳиссаломнинг гапларидан саросимага тушган Фиръавн энди ишга ўзи аралашишга қарор қилди ва аъёнларига шундай хитоб қилди: “Эй сардорлар, сизлар учун ўзимдан бошқа бирор илоҳ борлигини билмайман, уни тан ҳам олмайман. Сен, эй вазирим Ҳомон, лойни оловда пишириб, ғишт ясатгинда, мен учун роса баланд қилиб улкан бир минора қурдир. Токи мен унга чиқиб, Мусо айтаётган илоҳни ўз кўзим билан кўрай ва шундан кейин унга ишонай, чунки мен уни ёлғончи бўлса керак деб, сўзларига ишонмай турибман!”. Абул Баракот Насафий тафсирида келишича, Муқотил шундай деган: “Тарихда биринчи бўлиб лойни оловда куйдириб, пишиқ ғишт тайёрлатган кимса Фиръавн бўлган экан. Бунга ўзи қодир бўлмаса-да, ўша пайтдаги етук салоҳиятли кишиларни жалб қилган”.
Илоҳлик даъвосини қилувчи аҳмоқ фиръавнлар ўйлаб-нетиб ўтирмай, оғзига нима келса, вайсайвераркан. Аъёнларига нимани хоҳласа, буюраверади, кўнглига ёққан ишни қилдирмоқчи бўлади. Нодонликни қарангки, вазири Ҳомон лойни оловда пишириб, пишиқ ғиштдан ўта баланд минора қурармишда, Фиръавн унга чиқиб, осмонда Аллоҳни кўрар эмиш. Бу ақлга мутлақо сиғмайдиган телбалик бўлиб, сал фаросати бор одам Аллоҳ таолонинг ҳузурига оддий инсоннинг чиқа олмаслигини, ҳатто унинг даргоҳи қаердалигини билишга ҳам қодир эмаслигини жуда яхши билади. Шундай фаросатсиз, телбанамо бир кимса Аллоҳнинг пайғамбарини ёлғончига чиқаряпти, унинг келтирган рисолатини инкор қиляпти.
Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн қиссаси бошқа сураларда анча батафсил баён қилинган. Қасас сурасида эса, пайғамбар ва золим ҳукмдорнинг баҳсу-мунозаралари кенг зикр қилинмай, уларнинг ҳалок этилиши воқеаларига ўтиб кетиладики, бу ҳам Қуръони каримнинг ўзига хос ҳикматларидандир.

39. У ва унинг лашкарлари Ер юзида ноҳақ такаббурлик қилдилар ҳамда ўзларини Бизга қайтарилмайдилар, деб гумон қилдилар.
Аллоҳ таоло айтяптики, Фиръавн ва унинг қўшини Биз уларга яратиб, неъмат қилиб берган Ер юзида ноҳақлик, жоҳилларча ғурур ва мутакаббирлик қилишди ҳамда ўзларининг қиёмат куни ҳисоб-китоб қилиниб, жазо олишлари учун Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайдилар, деб эътиқод қилишди. Бундай такаббурлик ва ғурурнинг оқибати нима билан тугашини улар билишмасмикин?
Фиръавн жуда мутакаббир кимса эди. У нафақат кофир, балки худолик даъвосини қилган, одамларга «Мен сизларга ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмайман» дейишга журъат этган нобакор бир одам эди. Фиръавн қандай қилиб бўлмасин, нодон ва жоҳил қавмига ўзидан бошқа илоҳ йўқлигини уқтириб, Мусо айтаётган гапларнинг ёлғонлигига ишонтириши керак эди. Одатда ноҳақ йўлдаги кимсалар ўз таълимотларининг ҳақлигини исботлаш учун кўпинча шундай йўл тутадилар. Мухолифининг сўзларини ёлғонга чиқариш, уларни турли макр ва бўҳтонлар билан ёмонотлиқ қилиш орқалигина уларга зарба бериш мумкинлигини яхши билишади. Фиръавннинг лашкарлари ҳам зулм ва макрда Фиръавндан қолишмасди. Унинг лашкари ҳам ўша нобакорга ва унинг ноҳақ йўлига хизмат қиларди. Улар бўлмаса, Фиръавн ўзининг ноҳақ такаббурлигини, зулм ва истибдодини ўтказа олмас эди. Шу билан бирга, Фиръавн ва унинг аскарлари ўзларини Аллоҳнинг ҳузурига асло қайтиб бормаймиз, деб гумон қилишарди. Ҳамма бало шунда эдики, улар қиёматга, ўлгандан кейин қайта тирилишга, вақти-соати келиб Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб боришларига, қилмишлари учун жавоб беришларига ишонишмас эди. Лекин дунёнинг иши улар ўйлаганидек эмас, Аллоҳ хоҳлаганидек бўлади.

40. Шунда Биз уни ва унинг лашкарларини тутдикда, денгизга отдик. Энди золимларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг.
Ояти каримадаги “отдик” деб таржима қилинган сўз “набаза” феълидан олинган бўлиб, “бирор нарсани ҳақоратлаб, паст санаб ташлаб юбориш, улоқтириш” маъноларини билдиради. Охир-оқибат Аллоҳ таол о Фиръавнни ҳам, унинг асарларини ҳам қилмишлари учун азоблаб, денгизга отди ва ғарқ қилди. Яъни, аламли азоб билан хорлаб, худди кераксиз ггўчоқ ёки хас-хашак каби денгизга улоқтириб, ҳалок қилди. Энди уларнинг аянчли оқибати ҳақида фикр юритинглар ва улар тутган йўлдан узоқда бўлинглар! Ушбу оят орқали Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбари соллаллоху алайҳи васаллам ҳамда жамики мўминларни кофир қавм изидан бормасликка, уларнинг ҳоли не кечганидан хабардор бўлиб, ҳамиша сергак ва огоҳ ҳолда ҳаёт кечиришга буюрмоқда.

41. Уларни дўзахга чорлайдиган пешволар қилиб қўйдик. Қиёмат куни ҳам уларга ёрдам берилмайди.
Фиръавн ва унинг аъёнлари бу дунёда халқини дўзахга эргаштириб кетувчи пешволар эди, улар охиратда ҳам дўзахийларга бош бўлиб жаҳаннамга равона бўлишади. Улар чақирадиган жойи дўзах, ўзлари дўзахга чорлаш бўйича пешволардан. Фиръавн ва унинг лашкарлари бошқа нимага ҳам даъват қиларди, бошқа қандай ишда ҳам пешво бўларди?! Уларга дунёда ҳам, охиратда ҳам ёрдам берадиган бирор зот бўлмайди. Ахир бу дунёдан зулмга ботиб, такаб-бурлик қилиб, дўзахга даъват қилишда олдингилардан ўтган бўлса, қандай қилиб уларга ёрдам берилиши мумкин?

42. Бу дунёда уларга лаънатни эргаштириб қўйдик. Қиёмат куни эса улар бахтсизлардандир.
Уларнинг ноҳақликлари ва кибрга борганлари учун бахтсизлардан қилиб қўйганмиз, шунинг учун бу дунёда уларни қиёматгача ҳамма - фаришталар ҳам, одамлар ҳам, аждодларию авлодлари ҳам лаънатлаб ўтади. Ким уларнинг қилмишларини эшитса, албатта лаънат ўқийди. Охиратда эса бу қабиҳ кимсалар барчанинг нафратига ва лаънатига учрагани учун дунёдагидан ҳам ночор аҳволга тушишади. Бирор зот уларга ёрдам берай демайди, қилмишлари учун дўзахдаги мангу азоб билан “мукофотланишган”. Бундан ортиқ аянчли оқибат, бундан ҳам ортиқ бахтсизлик бўлиши мумкинми?

43. Дарҳақиқат, аввалги авлодларни ҳалок қилганимиздан сўнг Биз Мусога одамлар учун нур, ҳидоят ва раҳмат қилиб Китобни бердик. Шояд, улар насиҳатни олишса!
Аллоҳ таоло ушбу сурада келган Мусо алайҳиссалом қиссасини шундай ниҳоялайди: “Аниқки, Биз аввалги аср авлодларини ҳалок қилганимиздан кейин Мусога одамларга етказиш учун нур, ҳидоят ва раҳмат бўлган китобни - Тавротни ато этдик. Шояд, улар насиҳатларни олишса!” Кофирларни ҳалок қилгандан сўнг Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Ўз ҳузуридан Тавротни берди. Одамларга уни ёруғликка олиб чиқувчи нур, тўғри йўлга бошловчи ҳидоят этиб, Ўзи томонидан раҳмат қилиб берди. “Шояд улар насиҳатни олишса!” жумласида уларга Китоб берилишининг сабаби келтирилиб, бунинг учун шукр қилишга тарғиб қилинмоқда. Яъни, Биз сизларга Ҳақни ботилдан ажрата билишлариниз учун Китобни (Тавротни) нозил қилдик. Энди сизлар унда келган буйруқларимизга оғишмай амал қилинглар ва берган неъматларимизни эслаб, ҳамиша Бизга шукр қилинглар.
Сўнгра шу қиссанинг хулосаси сифатида Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоби бошланади:

44. (Эй Муҳаммад), Биз ишни Мусога ҳукм қилган пайтимизда мағриб томонда ҳам эмас эдингиз, гувоҳлардан ҳам бўлмагансиз.
Қуръони каримнинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканига ушбу ояти карима даоллат қилади. “Биз ишни - пайғамбарликни Мусога хукм қилганимизда мағриб томонда эмас эдингиз, бунга гувоҳ ҳам бўлмагансиз”. Яъни, эй Муҳаммад, Биз Мусога одамларни залолатдан чиқариб, рисолатимизни тўлиқ етказишни буюрган пайтимизда сиз у ерда (Тур тоғининг ғарбий томонида) эмас эдингиз ва Биз Мусога ваҳий қилган нарсаларга гувоҳ ҳам бўлмагансиз. Қуръон нозил бўлгунича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда ҳеч нарса билмаганлари учун бир оғиз сўз гапирмаган эдилар. Акс ҳолда, душманлар дарҳол буни юзларига солган бўларди. Шундай бўлишига қарамай, Қуръонда Мусо алайҳиссалом қиссаларининг батафсил келиши, ҳатто яҳудий ва насронийларнинг бу борадаги хатоларини тўғрилаб қўйиши Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканига ёрқин далилдир.

45. Лекин Биз кўп авлодларни пайдо қилдик, уларнинг умри узун бўлди. Сиз Мадянда туриб, уларга оятларимизни тиловат қилиб берганингиз йўқ, лекин Биз юборувчи бўлдик.
Мусо алайҳиссаломнинг замонидан буён неча асрлар, қанчадан-қанча авлодлар ўтиб кетди. Бу орада Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари ҳам унутилиб кетди ёки бузиб-ўзгартириб юборилди. Аммо, эй Пайғамбарим, ҳозир сиз Маккада туриб, Мадян хабарларини қавмингизга тиловат қилиб бермоқдасиз. Бироқ “Мадян қаёқда-ю, Макка қаёқда, сиз тиловат қилаётган Мадяндаги ҳодисалар қачон ўтган-у, ҳозир қайси замонда юрибмиз, у ердаги ва ўша вақтдаги ишлар аллақачон унутилиб кетган-ку, уларни энди ҳеч ким билмайди” деб, қавмингиздагиларнинг ишонгиси келмаяпти. Лекин Биз бу хабарларни сиз билан Мусо орасида узоқ вақт ўтганидан кейин ваҳий қилмоқдамиз. Ваҳоланки, Мусо билан қавми ўртасида кескин баҳслашув бўлган пайтда ҳам Мадян аҳли орасида бўлмагансиз. Бизнинг Мусо қавмига ҳидоят қилиб Тавротни нозил қилганимизга сиз гувоҳ ҳам бўлмагансиз. Лекин ҳақиқатан сизни охирзамон Пайғамбари қилиб юборгач, сизга мазкур хабарларни Қуръон оятлари орқали нозил қилдик. Пайғамбар бўлганингиз учун ҳам олдин ўзингиз воқиф бўлмаган бу ишларга оид энг тўғри хабарларни одамларга етказмоқдасиз. Мана шунинг ўзи ҳам сизнинг ҳақ Пайғамбар эканингизга, Қуръон оятлари Бизнинг ҳузуримиздан юборилганига энг ишончли далилдир.

46. Биз нидо қилган чоғимизда Турнинг ёнида ҳам бўлмагансиз. Лекин Парвардигорингиздан раҳмат сифатида сиздан олдин огоҳлантирувчи келмаган қавмни огоҳлантириш учун юбордик. Шояд, улар насиҳатни олишса!
Яъни, «Биз Тур тоғининг ёнида Мусога нидо қилганимизда, сиз у ерда йўқ эдингиз. Аммо Биз у ерда бўлиб ўтган воқеаларни бутун тафсилотлари билан сизга маълум қилиб билдирдик. Бу иш сиздан олдин огоҳлантирувчи - пайғамбар келмаган қавмни огоҳлантиришингиз учун Парвардигорингизнинг сизга берган раҳматидир. Шояд сиз огоҳлантираётган одамлар булардан ибрат олиб, эслашлари лозим бўлган нарсаларни эсга олишса!».
Ушбу ояти карим шуни маълум қиляптики, Қуръон Аллоҳ таолонинг даргоҳидан нозил қилинган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай воқеа-ҳодисаларни олдиндан билган эмаслар. Лекин Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримни ваҳий қилиш орқали у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни бу воқеалардан хабардор қилди.

47. Уларга қилмишлари туфайли мусибат етганида: «Парвардигоримиз, бизга пайғамбар юборганингда эди, оятларингга эргашар ва имонлилардан бўлар эдик», дейишмаса бўлгани.
Бирор қавм ёки миллатга пайғамбар юбориш Аллоҳ таолонинг уларга нисбатан улкан раҳмати ва марҳаматидир. Бу раҳмат бўлмаганида, инсоният тўғри йўлни топа олмай, катта муаммолар қаршисида довдираб, сарсонликда қолган бўлар эди. Аллоҳ пайғамбар юбормай, уларга имонсизликлари учун жазо берганида ҳам зулм қилмаган бўларди. Чунки уларга пайғамбар келмаганини рўкач қилиб, бошларига мусибат тушганида алдамчилик билан: «Парвардигоримиз, бизга пайғамбар юборганингда эди, у бизларни тўғри йўлга бошлаганида, хатоларимиздан огоҳлантирганида оятларинг-га эргашар ва имонлилардан бўлар эдик» деб даъво қилишса-да, аслида улар ёлғон сўзлаётган бўлишади. Мана, ҳужжат-далиллар билан Пайғамбар келганида унга ишонишмади, уни ёлғончига чиқаришди ва имонга келишмади.

48. Уларга ҳузуримиздан ҳақ келганида улар: «Унга ҳам Мусога берилган нарса берилса эди», дейишди. Улар илгари Мусога берилган нарсага куфр келтиришмаганмиди?! Улар: «Булар бир-бирини қувватлайдиган икки сеҳрдир» ва «Биз ҳар бирига куфр келтирувчимиз», дейишди.
Араб жазирасидаги мушрик қавмларга пайгамбарларнинг сардори, инсонларнинг аълоси, Аллоҳнинг севимли элчиси Муҳаммад алайҳиссалом Расул қилиб юборил салар ҳам, у зотга имон келтириш ўрнига турли баҳоналарни ўйлаб топишди. Олдин “Атрофингдаги кабағал, ночор одамларни ҳайдаб юборсанг, кейин сенга эргашамиз, чунки бундай одамлар билан бирга ўтириш бизнинг обрў ва шаънимизга тўғри келмайди” деб баҳона қилишган бўлса, энди “Унга ҳам Мусо алайҳиссаломга ато қилинган мўъжизалар берилганида, унга имон келтирардик” деб тайсаллашди. Лекин уларнинг бу гапларига ҳам ишониб бўлмайди, чунки улар олдинлари Мусонинг пайғамбар эканига ва унга берилган мўъжизаларга ишонишмаган. Шунинг учун ушбу ояти карима уларнинг сирини фош этиб, «Улар илгари Мусога берилган нарсага куфр келтиришмаганмиди?!” деб таъкидлаяпти. Дарҳақиқат, улар ҳозир Мусога берилган нарсалар Муҳаммадга ҳам берилганида биз имон келтиган бўлардик, деб тилёғламалик қилиб туришган бўлса-да, авваллари Муҳаммад алай-ҳиссаломдан олдин нозил қилинган Китобларга ҳам ишонишмаган.
Ишонмасалар ҳам майли-я, Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Таврот ва Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръон ҳақида бемаъни сафсата тўқиб, “Иккови ҳам бир-бирини қўллайдиган сеҳрдир, улар бир-бирига ёрдам беряпти” деб, уларни рад қилишди. Демак, бундайлар ҳақ йўлга юришни асло исташмайди, Аллоҳнинг Пайғамбарига имон келтириб, унга эргашишмайди. Бунинг ўрнига турли баҳоналарни ўйлаб топиб, у зотга қарши тишларини қайрашади, ёмонотлиқ қилишга уринишади, оқибатда икки дунё саодатини бой бериб, гумроҳликда қолиб кетишади.

49. (Эй Муҳаммад), «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳ ҳузуридан ўша иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», денг.
Юқоридаги ҳақиқатни кофирларнинг юзига солиш учун Аллоҳ таоло Ўз элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай дейишни буюрди: “Агар ҳақиқатдан рост гапираётган бўлсанглар, сизларга Таврот ҳам, Қуръон ҳам ёқмаётган бўлса, улардан кўра яхшироқ китобингиз бўлса олиб келинглар, бошқалар ҳам эргашсин ва мен ҳам ўша китобга эргашай”. Одатда бир киши ўзига маъқул келмаган бирор нарсани танқид қилган, ёқтирмаган, камчилигини айтган бўлса, унинг ўрнига ўшанга нисбатан яхшироқ бошқа нарсани келтиради. “Таврот ҳам, Қуръон ҳам сеҳрдир” деган ўша кофирларнинг ўзлари бу икки илоҳий китобдан кўра тўғрироқ, ҳидоятлироқ китоб олиб келсинлар-чи! Улар бу таклифга жавоб бера олишармикин?

50. Агар сизга жавоб бера олишмаса, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам адашганроқ ким бор?! Аллоҳ золим қавмларни асло ҳидоят қилмайди.
Яъни, самовий китоблар ичида ҳаммасидан буюги ва машҳури ана шу икки китоб - Таврот ва Қуръон эди. Бошқа бирор китоби буларга тенг кела олмайди. Энди агар бу икки Китоб сеҳр ва сеҳргарлик бўлса, сизлар шундай бир илоҳий китобни келтирингларки, бу икки Китобдан яхшироқ ҳидоят қиладиган, тўғри йўлни кўрсатадиган бўлсин! Эй Пайғамбарим, уларга айтингки: “Мабодо сизлар шундай китобларни вужудга келтира олсангиз, мен ҳам албатта ўшанга эргашаман. Лекин сизлар бунга қиёматгача қодир бўла олмайсизлар. Агар бу нарса мумкин бўлмас экан, сизларнинг ўз нафсига тобеъ бўлиб, адашиб юрган бир жамоа эканингиз маълум бўляпти”. Дунёда нафс бандаларидан ҳам адашганроқ тоифа йўқдир. Улар бу қилмишлари билан ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам зулм қилишади. Аллоҳ таоло золимларни ҳаргиз ҳидоятга бошламайди. Улар ҳавойи нафсларига эргашмаганларида, бундай қилишмас эди: ё ўзлари энг тўғри китобни олиб келишлари ёки Қуръонга эргашишлари керак эди. Улар Қуръонга эргашишмади. Шунингдек, ундан яхшироқ китоб ҳам топиб кела олишмади. Демак, улар ҳавойи нафслари ихтиёридаги, унга қул бўлган энг ожиз кимсалардир. Қуръонга эргашмаган ҳар бир кимса ҳавойи нафси йўлида юрган бўлади. Ҳавойи нафси ихтиёридаги ҳар бир кимса дунёдаги энг гумроҳ кимсадир. Агар бунга эътирози бўлса, Қуръондан кўра тўғрироқ китобни келтирсин!

51. Эслатма олишлари учун уларга Сўзни етказиб турдик.
Ушбу ояти каримада “Сўз” деганда Қуръони карим назарда тутилган. Охирзамон Пайғамбарини инкор қилувчиларга Ҳақ сўз - Қуръоннинг етказилгани аниқ. Энди уни эслашлари, ибрат олишлари қолди, холос. Ҳозирги пайтда Аллоҳнинг Ҳақ Сўзи - Қуръони карим етиб бормаган бирор жой қолмади, унинг оятларини эшитмаган одамлар ҳам ниҳоятда кам. Шундай бўлса-да, ҳамон Қуръони карим оятларини инкор қилаётган, уларни ёлғонга чиқараётган, Аллоҳнинг каломидан бебаҳра қолаётган ўзига золим кимсалар ҳам керагича топилади. Улар ўзларига охирзамон Пайғамбари етказиб келган Сўздан эслатма олиш, унинг таълимотларини ҳаётла-рига татбиқ қилиш ўрнига ҳамон ундан юз ўгириб келишяпти ва икки дунё саодатидан маҳрумликларича қолишмоқда.

52. Ундан олдин китоб берилганлар унга имон келтиришади.
Қуръон келишидан олдин ўзларига самовий китоблар - Таврот ва Инжил нозил қилинган яҳудийлар ва насоролар Қуръонга ҳам имон келтиришади. Ушбу ояти карима нозил бўлган пайтда яҳудийлардан ҳам, насронийлардан ҳам имон келтириб, мўмин-мусулмон бўлган кишилар бор эди. Оятда ана шундайларга ишора қилинмоқда. Улар Таврот ва Инжилни яхши тушунган, инсоф билан иш тутган кишилар бўлиб, ўз самовий китобларидаги башоратлар ҳақида фикр юритгач, Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканини тан олиб, унга имон келтиришган эди. Агар бу иш воқеълиқца содир бўлмаганида, кофирлар ушбу оятга дарҳол эътироз билдирган бўлишарди. Олдин китоб берилганларнинг бу шаклда имон келтирганлари Қуръоннинг ҳақ Китоб эканига яна бир далилдир. Қуръон ўқилганда улар ўзларини мушриклар каби тутмайдилар, балки тавҳиднинг асл моҳиятни тез англаб, Ислом сари юрадилар.
Ибн Ҳишомнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ҳақидаги китобида қуйидагилар келтирилади: “Ибн Исҳоқ шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада турганларида олдиларига йигирма нафар ёки шунга яқин насронийлар келишди. Улар пайғамбарлик ҳақидаги хабарларни ҳабашистонликлардан эшитишган экан. Улар “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масжиддан топишди. Гаплашиб, у зотга саволларини беришди. Бу пайтда Қурайшдан бир гуруҳ одам эса Каъба атрофидаги ўз надваларида (суҳбатхоналарида) эди. Насронийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзларини қизиқтирган нарсаларини сўраб бўлганларидан кейин у зот уларни Аллоҳга имон келтиришга даъват қилдилар ва Қуръон тиловат қилиб бердилар. Улар Қуръон тинглаганларида кўзларга ёш келди. Сўнгра даъватга ижобат этишди: Аллоҳга имон келтириб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларини тасдиқлашди. Насронийлар тиловат қилинган Қуръондан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз китобларида васф қилинган сифатларини англаб олишди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан қайтиб кетишаётганда бир гуруҳ қурайшликлар билан бирга Абу Жаҳл ибн Ҳишом уларнинг йўлларини тўсиб чиқиб: «Аллоҳ додингларни берсин! Ўз динингиз аҳли сизни бу томон юборса-да, энди уларга бу одамнинг хабарини олиб борасизларми?! Бирпас унинг олдида ўтириб, динингизни тарк этиб, уни тасдиқладингизми?! Сиздан кўра аҳмоқроқ гуруҳни кўрмаган эдик!» дейишди. Шунда улар қурайшликларга: «Омон бўлинглар. Биз сизларга ўхшаб жоҳиллик қилмаймиз. Бизга ўзимиз, сизга ўзингиз ихтиёр қилган нарса бўлсин. Ўзимизга яхшилик етишида нуқсонга йўл қўйганимиз йўқ!» дейишди».

53. Уларга тиловат қилинса: «Бизлар унга имон келтирдик. Албатта у Парвардигоримиздан келган ҳақдир. Бизлар бундан олдин ҳам мусулмон эдик», дейдилар.
Яъни, аҳли китоблардан бўлган яҳудий ва насронийларга Қуръон оятлари тиловат қилинганида уларнинг айрим инсофлилари дарҳол имон келтириб, Қуръонни тасдиқлашган ва: «Биз Қуръонга имон келтирдик, албатта у Парвардигоримиздан келган Ҳақдир, бизлар бундан олдин ҳам мусулмон бўлганмиз» дейишади. Чунки Аллоҳдан келган ҳар бир динга ишонган киши мусулмон ҳисобланади. Ушбу аҳли китоблар ҳам Аллоҳни бир деб билганлар. Унинг китоблари ва пайғамбарларига ишонганлар ҳамда ўз китобларида васфи келган охирзамон Пайғамбари - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келишларини орзиқиб кутганлар. Энди у зотга имон келтирмоқдалар. Муфассирларнинг айримлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида у зотга имон келтирган насронийлар гуруҳини Нажрон аҳлидан бўлганини ёзишади. Қай бири тўғрироқ эканини Аллоҳ билувчидир.

54. Ана шуларга сабр қилганлари учун мукофотлари икки марта берилади. Улар ёмонликни яхшилик билан даф қилишади ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан эҳсон қилишади.
Аҳли китоблар бўлмиш яҳудийлар ва насронийлардан айрим тоифалари олдин ўзларига нозил қилинган Таврот ва Инжилга ҳамда ўзларига юборилган пайғамбарларга имон келтиришган эди. Инсониятга охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали Ислом дини юборилгач, бошқаларга ўхшаб янги динни инкор қилишмади, уни интизорлик билан кутишди ва имконият пайдо бўлиши билан Исломга, унинг Пайғамбарига имон келтиришди. Бунда улар Исломга ўтишдаги машаққат ва озорларга чиройли сабр қилишди. Бундайларнинг яна шундай фазилатлари ҳам борки, улар ҳеч қачон ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтаришмайди, аксинча уни яхшилик билан даф қилишади. Яна улар Аллоҳ таоло томонидан ўзларига ризқ қилиб берилган нарсалардан атрофларидаги муҳтож ва ночор кишиларга хайру эҳсонлар қилишади. Уларнинг бу ишлари Аллоҳ таоло томонидан икки марта мукофот билан тақдирланади. Мукофотларнинг бири Аллоҳнинг аввалги китоби ва аввалги пайғамбарига имон келтиришгани учун бўлса, иккинчиси Аллоҳнинг сўнгги Китоби бўлмиш Қуръонга ва сўнгги Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтиришгани учундир.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Уч тоифа одамларга ажрлари икки марта берилади. Аҳли китобдан бўлган одам ўз пайғамбарига имон келтирса, сўнгра менга имон келтирса; бир қул Аллоҳнинг ҳаққини ҳам, хожасининг ҳаққини ҳам адо қилса; бир кишининг чўриси бўлса-ю, уни яхшилаб тарбия қилиб, сўнгра озод қилиб, унга уйланса» (Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса Қосим ибн Абу Амома шундай деган: «Фатҳ куни Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам минган улов ёнида бора туриб, ғоят гўзал, ширин гапларини эшитдим. Гаплари орасида: «Икки китоб аҳлидан ким мусулмон бўлса, унга икки марта ажр берилади. Бизга бўлган имтиёзлар унга ҳам бўлади. Бизга юклатилган масъулиятлар унга ҳам юклатилади», дедилар» (Аҳмад ривояти).

55. Беҳуда нарсани эшитишса, ундан юз ўгириб: «Бизнинг амалларимиз ўзимизга, сизларнинг амалларингиз ўзларингизгадир, омон бўлинглар, биз жоҳилларни истамаймиз», дейишади.
Жоҳил мушриклар олдин берилган китобларга ҳам ишонишмайди, кейин нозил қилинган Куръони каримга ҳам имон келтиришмайди. Улар бунинг ўрнига мўмин-мусулмонларни ноўрин тортишувларга, бефойда баҳсу мунозараларга тортмоқчи бўлишади, уларни ҳақ йўлдан адаштиришга, динларига шубҳа уйғотишга, Пайғамбарларини бадном қилишга уринишади. Мусулмонлар уларнинг беҳуда, ноўрин гап-сўзларини эшитишни ҳам исташмайди, фойдасиз баҳсу тортишувлардан ўзларини четда тутишади. Чунки бундай ишлар нафақат вақтни, балки ақл-заковатни, соф инсоний ҳис-туйғуни ҳам зое қилади. Шунингучун ҳам мусулмонлар беҳуда нарсалар билан машғул бўлиб, обрў-мартабаларини туширмайдилар. Мабодо, дин душманлари уларга беҳуда сўз айтиб, йўлларидан тўсиб чиқса, уларга тенг бўлиб ўтиришмайди, шартта йўлларини бошқа томонга буриб одоб билан: “Бизнинг амалларимиз ўзимизга, сизларнинг амалларингиз ўзларингизгадир, омон бўлинглар, биз сиздек жоҳиллар билан тортишишни истамаймиз”, дейишади. Яъни, бизлар мусулмонлармиз, бундай беҳуда гап-сўзларга, ўринсиз тортишувларга вақтимиз ҳам, хоҳишимиз ҳам йўқ. Бизнинг зиммамизда икки дунё саодатига элтувчи улкан ишларни амалга ошириш вазифаси турибди. Шу ишларимиз биз учун етарли.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбари - Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламга мўъжиза қилиб қиёмат кунигача амалда бўлувчи Қуръони каримни берди. Қуръон дунёдаги барча мўъжизалардан устундир. Ким Қуръони каримни тадаббур қилиб ўқиса, чуқур тушунишга уринса, дарҳол имонга келади. Шунинг учун ҳам уни инсоф билан, тадаббур қилиб эшитган аҳли китоблар дарҳол имонга келдилар. Ана шундай ажойиб кишиларнинг осонлик билан имонга келишларига қарши ўлароқ, ўз қавмларининг имондан бош тортиши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ ташвишга солар эди. Имонга келишини орзу қилган кишиларининг имонга келмаслиги у кишига жуда оғир ботарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имонга келишини жуда-жуда истаган кишилардан бири амакилари Абу Толиб эди. Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни болаликлариданоқ ўз ҳимоясига олиб, ўз фарзандларидан ҳам устун кўриб боқиб-тарбиялаган, ўстирган, доимо ҳимоя қилиб келган, пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам мушрикларнинг тазйиқларига асосий қалқон бўлган, бу йўлда кўпгина азиятлар чеккан одам эди. Абу Толибнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган яхшиликлари тарихда маълум ва машҳурдир. Лекин Пайғамбарга ана шундай содиқ кишининг Исломга кирмагани ҳам барчага маълум ҳақиқатдир. Аҳли китоблар Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръон оятларини эшитибоқ кўзларидан дув-дув ёш тўккан ҳолда имонга келишлари қаршисида ҳамиша Пайғамбар алайҳиссаломга яхшилик ва марҳамат кўрсатиб келган, у зотни ҳимоя қилган амакилари Абу Толибнинг даъват қилинаётганлар ичида туриб ҳам имонга келмагани ҳақиқати Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган илоҳий ироданинг намоёни эди. Аллоҳ ҳидоятга бошламаса, Пайғамбар алайҳиссаломдай зот ҳам бирор кишини имонга кирита олмасликларининг ўзига хос ҳикмати бор эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади: «Абу Толибнинг ўлими яқинлашганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келиб: «Эй амаки, «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтгин, у билан сенга қиёматда гувоҳлик берай», дедилар. У эса: «Агар қурайшликлар мени айблаб, «Уни ўлим қўрқинчигина бу ишга олиб келди» дейишлари бўлмаганида сенингхурсандчилигингучун айтар эдим, бу гапни фақат сенинг хурсандчилигинг учун айтар эдим», деди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримани нозил қилди” (Муслим ривояти).

56. (Эй Муҳаммад), аниқки, сиз ўзингиз севган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаганларини ҳидоят қилади. У ҳидоят топувчиларни яхши билувчидир.
Одамларни ҳидоят қилиш фақат Аллоҳ таолонинг ишидир. Аллоҳдан ўзга ҳеч кимнинг, ҳатто охирзамон Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бу ишга қурблари етмайди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор кишини ҳидоят қилиш имконлари бўлганида амакилари Абу Толибни ҳидоят қилган бўлар эдилар. Аммо бунинг иложи бўлмади, Абу Толиб ҳидоятга муяссар бўлмай дунёдан ўтди. Бунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ афсус чекдилар. Аллоҳ таоло эса бу ҳақда Пайғамбарига ушбу оятни нозил қилди, яъни сизнинг ишингиз бандаларга Аллоҳнинг даъватини етказиш, холос. Ҳидоят қилиш эса сизнинг бурчингиз ҳам, вазифангиз ҳам эмас. Шунинг учун ҳидоятга кириши орзу қилинган баъзи кишиларнинг ҳидоят топмаганларидан хафа бўлманг. Кимни ҳидоят қилишни Парвардигорингизнинг Ўзи билади, ҳидоят топувчиларни яхши билгани учун шу илми асосида уларни ҳидоят сари йўллайди.
Мусаййаб ибн Ҳазн розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Абу Толибнинг вафоти яқинлашганда унинг олдига Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам кирдилар. Унинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ибн Муғийра ҳам бор эди. Шунда у зот: «Эй амаки, «Лаа илааҳа иллаллоҳу» десанг, Аллоҳ хузурида сен ҳақингда шоҳидлик қиламан», дедилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя эса: «Абдулмуттолибнинг динидан юз ўгирасанми?» дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўшани (калимаи тоййибани) арз қилишда, икковлари ўз гапларини қайтаришда давом этдилар. У бўлса, ўзининг охирги сўзида Абдулмуттолибнинг динидалигини айтди, «Лаа илааҳа иллаллоху»ни айтишдан бош тортди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, агар қайтарилмасам, сен учун истиғфор айтаман», дедилар. Шунда Аллоҳтаоло: «Набий ва мўминлар учун мушрикларга истиғфор айтиш тўғри келмас» оятини нозил қилди. Аллоҳ Абу Толиб ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата «Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилади»(ояти) ни нозил қилди» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ҳидоятга юришдан бош тортишларини билган кишилар эса турли баҳоналар тўқиб, ҳидоятга юрмай тураверади. Бунинг мисолини баъзи қурайшликлар мисолида кўрамиз:

57. Улар: «Агар сен билан ҳидоятга эргашсак, ўз заминимиздан узиб олинамиз», дейишди. Ахир Биз уларга омонлик Ҳарамини макон қилиб бермадикми?! У ерга ҳамма нарсанинг мевалари Бизнинг даргоҳимиздан ризқ ўлароқ йиғилади-ку! Аммо уларнинг кўплари билишмайди.
Макка мушриклари ўз эътиқодларида қолиш учун, Аллоҳнинг ваҳийларини нега инкор қилаётганларига сабаб қилиб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга шундай “далил” келтиришди: “Агар сенинг динингга кирадиган бўлсак, араблар бизни турган ерларимиздан ҳайдаб чиқариб, ватангадо қилиб қўйишади, улар устимиздан ғолиб чиқиб, ҳамма нарсамизни тортиб олишади”. Қурайшликлардан бири бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Биз сен айтаётган нарса ҳақ эканини яхши биламиз, лекин сенинг динингга эргашсак, араблар бизни Макка еридан чиқариб юборишидан қўрқамиз», деган экан.
Ушбу оятда бутунлай Ислом йўлида юришдан ўзини олиб қочганларнинг одатдаги баҳонаси келтирилиб, фош қилинмоқда. Ҳамиша бўлиб келганидай, ким Аллоҳнинг динига киришни истамаса, бунинг сабаби учун куракда ҳам турмайдиган ўнлаб баҳоналарни ўйлаб топади. Ҳали Пайғамбарга мўъжиза берилмаганини баҳона қилса, ҳали бу динга кўпроқ камбағаллар ва қуллар кираётганини рўкач қилади. Нима қилиб бўлса ҳам ўзининг ботил эътиқодида қолса бўлди! Исломнинг дастлабки босқичида кофирлар айтган баҳонани мусулмон бўлишдан ор қилиб келаётган кимсалар ҳозиргача такрорлаб келишади: “Агар Исломга кирсак, бор-будимиздан, ватанимиздан ажраб қоламиз”. Ваҳоланки ўшанда Аллоҳ таоло мушриклар яшаб турган Маккани тинчлик-омонлик шаҳри қилиб қўйган эди. Унинг ҳудуди Ҳарам қилингани, ушбу шаҳарда Аллоҳнинг Уйи - Байтуллоҳ ўрнашгани учун бу ерга бостириб кириш, уруш ва қамал қилиш, қон тўкиш, ҳатто ҳайвонларини овлаш таъқиқлаб қўйилган эди. Айни пайтда шаҳарга илоҳий барака ёғиб турарди: дунёнинг ҳамма еридан бу ерга турли ноз-неъматлар, озуқа ва ашёлар оқиб келиб турарди. Шунингдек, Ислом ҳукми жорий бўлган ҳар бир жойда тинчлик-омонлик ҳукм сурган, одамлар узоқ жойларга сафар қилганларида ҳайвонлари ҳам омонда бўлган. Мана шундай ҳолатда ҳам мушриклар Аллоҳнинг динига эргашишни исташмади. Беш кунлик фоний дунёнинг ҳою-ҳаваси деб, унга киришмади. Еримдан, уй-жойимдан, мансабимдан, мол-мулкимдан ва яна аллақандай бошқа нарсалардан ажраб қоламан, деб қўрқишди. Агар мушрикларни эътиқодлари учун ватанларидан ҳайдаб чиқаришлари рост бўлса, ҳижратдан саккиз йил ўтиб, Маккани фатҳ қилиш учун кириб келган Пайғамбар алайҳиссалом шаҳарда битта ҳам мушрикни қолдирмай қириб ташлаган бўлар эдилар. Ваҳоланки, у зот уларга ялпи омонлик эълон қилдилар. Энди бир савол туғилади: Ислом динига амал қилган қайси бир инсон ёмонлик кўрибди? Исломни ҳаётига тўла татбиқ этган қайси жамият бундан мусибат чекибди? Қайси миллат мусулмонлиги гуллаб-яшнаган пайтида хор-зор бўлибди? Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ, ҳар бир юрт ўз тарихини, Ислом тарихини яхшилаб ўрганиб чиқса, бахт-саодат фақат Ислом туфайлигина келишини яхши билиб олади.
Ушбу оят Ҳорис ибн Усмон ибн Абдуманоф ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Биз сен айтаётган нарсанинг ҳақлигини биламиз. Лекин агар сенга эргашсак, араблар бизга қарши бирлашиб, еримиздан ҳайдаб чиқаришади. Шу нарса бизни тўсиб турибди. Биз бунга тоқат қила олмаймиз”, деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.

58. Биз маишатида ҳаддан ошган қанчадан-қанча юртларни ҳалок қилдик. Уларнинг масканларидан камдан-ками кейинчалик маскан қилинди. Биз ворис бўлиб қолдик.
Макка мушриклари ўз баҳоналари билан фақат Пайғамбар алайҳиссаломга итоатсизлик қилмадилар, балки Аллоҳ таолонинг меҳрибончилиги ва раҳматини ҳам инкор қилишди. Раҳмли ва меҳрибон Зот уларнинг мушриклигига қармай, уларни Ўзи Ҳарам қилган заминда тинчлик-омонликда яшашларига имкон бериб қўйган эди. Байтинингтасарруфини улар ихтиёрига берганди. Шунчалик марҳамат кўрсатган Аллоҳ энди улар Расулуллоҳ алайҳиссаломга эргашишганида бошқаларга талатиб, хорлаб қўярмиди? Улар атрофларидаги араблардан қўрқишяптими? Ваҳоланки, уларда ҳеч бир куч, имкон йўқ. Улар Аллоҳдан қўрқишсин, Унга итоатда бўлишсин. Чунки барча куч-қудрат Аллоҳдадир, Ер юзида ҳукм юри-тиш фақат Аллоҳга хосдир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзига осийлик қилиб, Ер юзида зулм ва бузғунчилик қилиб юрган қанчалаб халқ ва миллатларни батамом ҳалок қилиб юборди! Дунё молига, қорнига, шаҳватига, ҳавойи нафсига ва маишатига қул бўлган қанчалаб қавм ва ҳукмдорларни Ер юзидан супуриб ташлади. Инсонлар кўз ўнгиларида содир бўлиб турган бу ҳодисалардан ибратланишмайди, хулоса чиқаришмайди, Аллоҳнинг динига кириб, икки дунё саодатига эришишни исташмайди. Қанчалаб одамлар бу дунё маишати деб ҳидоятга эргашишдан бош тортмоқдалар. Маишатга берилганларнинг ҳоли нима бўлди? Уларнинг қанчадан-қанчасини Аллоҳ таоло динга амал қилмаганлари, маишатга берилганлари учун ҳалок қилди. Уларнинг ҳалокати излари ҳали ҳам турли жойларда сақланиб қолган. Улар яшаб ўтган обод шаҳарлар, гўзал масканлар, муҳташам сарой-қасрлар, мустаҳкам уй-жойлардан фақат вайрона ва харобалар қолди, холос. Улар ҳалок бўлганларидан сўнг бошқалар ўша жойларни маскан тутиб, яшаб қолишни ҳам хоҳламади. Уларнинг хароб бўлган юртлари ва масканларига бирорта меросхўр ҳам чиқмади, буларнинг барига Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот ворис ҳам бўла олмайди.
Энди бир ўйлаб кўринг: дунёнинг бирор бурчагида Аллоҳдан келган ҳидоятга эргашиб, ҳалокатга учраган қавм ҳақида хабар, қиссани эшитганмисиз ёки уларнинг вайроналари изи борми? Дунёнинг бирор жойида Исломга амал қилиб, ёмонликка учраган халқ, миллат ёки элат борми? Дунёнинг бирор нуқтасида Исломга амал қилиб турганида вайрон бўлган, унга ҳеч ким кирмай қўйган бирорта маскан борми? Йўқ, албатта! Хўш, унда нега одамлар Макка мушриклари каби “Исломга амал қилсак, ундай бўлади, бундай бўлади, унимиздан ажраб қоламиз, бунимиздан маҳрум бўламиз” деб қаттиқ хавотирга тушишади, қўрқишади, бир-бирларини қўрқитишади?! Баъзилар «Маишатда, орзу-ҳавасда ҳаддан ошганларнинг ҳаммаси ҳам ҳалокатга учрайверган эмас-ку?» деган савол бериб ҳам қолиши мумкин. Бу саволга келгуси оятда жавоб берилади:

59. Оятларимизни тиловат қиладиган пайғамбарни бош шаҳрига юбормагунча Парвардигорингиз ҳеч бир шаҳар-қишлоқни ҳалок қилган эмас. Биз шаҳар-қишлоқларни фақат аҳли золим бўлгандагина ҳалок қиламиз.
Ояти каримадаги “бошшаҳри” деб ўгирилган “уммиҳа” сўзи “шаҳарлар онаси” маъносини билдириб, асосан бирор минтақа ёки юртнинг энг йирик ёки муҳим шаҳри, пойтахтини англатади. Бу ўринда ушбу сўз Маккаи мукаррамага нисбатан ишлатилмоқда. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини ушбу шаҳарга юборди ва илоҳий даъват арабларнинг муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий маркази бўлмиш Маккадан дунёнинг ҳамма ерларига тарқади. Аллоҳ таолонинг иродаси шундайки, инсонларга онг, ақл-идрок бериб қўйса ҳам яна Ўз пайғамбари орқали огоҳлантирмай туриб уларни ҳалок қилмайди. Пайғамбарни қачон ва қаерга юборишни эса Ўзи билади. Олдин Макка аҳлига ҳам пайғамбар келмаган эди, энди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. У кишини фақат Макка аҳлига эмас, балки барча макон ва замонларга огоҳлантирувчи пайғамбар қилиб юборди. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло аҳли ширкка ботиб, ўз жонига золим бўлган шаҳар-қишлоқ ва юртларни сабабсиз ҳалок қилмаслигини ҳам таъкидлаб айтмоқда. Ширк зулми каби бошқа зулмлар ҳам нақадар ёмон амал эканини шундан билиб олса бўлади.

60. Сизларга берилган нарсалар дунёнинг матоҳ ва зийнатлари, холос. Аллоҳ ҳузуридаги нарса эса яхшироқ ва боқий-роқдир. Ақл юритмайсизларми?
Яъни, сизлар кўриб турган дунёнинг бутун матоҳлари ва зийнатлари - муҳташам ва кўркам уйлар, бир-биридан чопқир уловлар, қимматбаҳо уй жиҳозлари, суюмли фарзандлар, роҳат-фароғат ва лаззат-имкониятларнинг бари худди тушда кўргандай бир лаҳзада ўтиб кетади, ортда қолади. Ҳақиқий ва абадий роҳат жаннатдадирки, у ерда ҳаёт тугамайди, роҳат-лаззатлар абадий давом этади. Одамларнинг аксарияти бу дунё маишатини, бу дунё матоҳини деб ҳидоятга эргашмайдилар, Исломга таслим бўлиб, унга амал қилишдан бош тортадилар. «Эй Пайғамбар, бордию сен билан ҳидоятга эргашсак, барча нарсаларимиздан, роҳат-фароғатларимиздан маҳрум бўлиб қоламиз-ку!” деб, Аллоҳнинг Пайғамбарини инкор қилишади. Лекин дунёнинг бор матоҳи, лаззатлари ва маишати бир сониягина имонда бўлишга арзирмикин?! Эй инсонлар, сизларга бу дунёда берилган моддий фаровонлик ва омонлик ҳам, руҳий хотиржамлик ва бошқа неъматлар ҳам - ҳамма-ҳаммаси ўткинчидир. Улар бу дунёнинг ортиқча зеб-зийнати, арзимас матоҳларидир. Сизлар уларга ўч бўлганингиз, уларнинг ортидан қувганингиз, ҳамиша уларга етишиш орзусида бўлганингиз учун Аллоҳнинг динини тарк этасиз. Ҳолбуки, Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофотлар бу дунёнинг ҳамма зийнатларидан яхшироқ ва абадийроқдир. Беш кунлик фоний дунёга кўнгил қўймай, Аллоҳнинг йўлида юрган инсонлар учун Унинг ҳузурида дунё маишатига берилган одамлар эришадиган нарсадан кўра яхшироқ ва боқий неъматлар бор. Имонлилар икки дунёда ҳам саодатманд бўладилар. Мана шу ҳақда бирозгина ақл юритганингизда дунё ва охират ҳаёти ҳикматларини тезда англаган, дунё ҳаёти охиратга тайёргарлик кўриш учун берилганини тушунган бўлардинглар. Аммо ақл юритмайдиган кимсалар бу ҳақда фикрлашга эриниб, ғафлат саҳроларида адашган ҳолда, ўз фойдаларини билмай, сароб каби таги йўқ нарсаларга ишониб юришибди.

61. Биз унга гўзал ваъда қилган ва ўшанга эришувчи киши Биз дунё ҳаётининг матоҳидан фойдалантирганимиздан сўнг қиёмат кунига дучор қилинувчилардан бўлган киши кабимиди?
Яъни, қиёмат куни дунё ҳаётида Аллоҳга имон келтирган, Унга доимий итоатда бўлган, кўп-кўп солиҳ амаллар қилган, Аллоҳ ваъда қилган олий мукофотни - жаннатни қўлга киритган киши билан Парвардигорига имон келтирмай,Унинг ваҳийларини инкор қилган, дунё зийнатлари ва лаззатларига ғарқ бўлган ҳолида ҳаётда зулм ва гуноҳ ишларни истаганича қилган кимса баробар, тенг бўлармиди? Ушбу ояти каримада мўмин билан кофир бир-бирига солиштириб кўрсатилмоқда. Бир томонда Аллоҳ таоло гўзал имони ва мақтовга сазовор ишлари учун дунё ҳаётида ҳавас қилгудай яшашни ва охиратда чиройли оқибатни ваъда қилган мўмин киши. Иккинчи томонда эса ўзига берилган умрни фақат яхши еб-ичишда, яхши кийинишда, дунё лаззатларига кўмилиб олиб, охират ҳақида ўйлашга вақт ва имкон тополмай юрган имонсиз киши турибди. У қиёмат куни Парвардигор ҳузурига ҳисоб-китоб учун олиб келинганида дунёдаги имонсизлиги ва қабиҳ қилмишларини оқлаш учун лом-мим дея олмайди, нега имонга келмай, ғафлат ва залолатда ўтиб кетганига бирор сабаб топа олмайди. Унинг Аллоҳ таоло ато қилиб қўйган озгинагина дунё матоҳига алданиб, синов дунёсида бемақсад яшаганига иқрор бўлишдан, Аллоҳнинг азоб ва қийноқларига розилиқцан бошқа иложи қолмайди.
Мужоҳид ушбу оят ҳақида: “Бу оят Али, Ҳамза ва Абу Жаҳл ҳақида нозил бўлган”, деган. Суддий айтади: “Бу оят Аммор ва Валид ибн Муғийра ҳақида нозил бўлган”. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Жаҳл ҳақида нозил бўлган, ҳам дейишади.

62. У Зот (қиёмат куни) уларга нидо қилади: «Сизлар даъво қилган Менинг «шерик»ларим қани?!».
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хабар беряптики, мушрик кимсалар қиёмат куни қилмишларининг ҳисоб-китоб қилиниши учун Парвардигорлари ҳузурига ҳозир қилин-ганида Аллоҳ таоло уларни маломат қилиб, “Эй мушриклар, сизлар Менга шерик қилиб сиғинган, “Аллоҳнинг шериги бор” даъво қилган ўша сохта “илоҳ”ларингиз қани? Агар улар бўлса, ҳозир сизларни Менинг азобимдан қутқариб қолсин-чи! Сизларга ёрдамга келиб, Менинг ғазабимдан қандай қутулиш йўлини кўрсатсин-чи! Йўқ, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, балки уларнингўзи ҳамиша ёрдамга муҳтож ва ожиз бўлган. Мушриклар Аллоҳнинг сўроқларига жавоб топа олмай, бошлари қотиб турганида уларни ўзларига эргаштириб йўлдан адаштирган ва қиёмат куни абгор ҳолга солган бошлиқлари ўртага чиқиб келишади:

63. Устларига Сўз ҳақ бўлганлар: «Парвардигоримиз, анави бизлар йўлдан оздирганларни ўзимиз йўлдан озганимиздек оздирганмиз. Ҳузурингда гуноҳсизмиз: улар бизга ибодат қилишмаган», дейишди.
Яъни, мушрикларнинг йўлдан оздирувчи бошлиқлари Аллоҳнинг ҳузурига олиб келингач, дунёдаги қилган ишларига иқрор бўлиб, кўплаб эргушувчиларни йўлдан оздирганларини айтишади: “Ҳақиқатан ўзимиз ҳам тўғри йўлдан озганимиз каби анавиларни ҳам йўлдан урганмиз. Лекин бунда айбимиз йўқ, улар бизга эмас, сохта маъбудларга, ўз нафслари ва лаззатларига сиғинишган” деб ўзларини оқламоқчи бўлишади. Сардорларининг тонганини, сиғинган, ишонган маъбудларидан садо чиқмаганини кўрган мушриклар нима қилишни била олмай, ҳайронликда ва ноиложликда қолишади. Ҳамма қилмишларидан тонай дейишса, раҳбарлари сирларини фош қилиб турибди. Бирор кишидан ёрдам сўрай дейишса, ҳамма улардан юз ўгириб турибди. Дунёда ишониб, сиғиниб, кейин бир фойдаси тегиб қолар, деган хаёлда маъбудлардан умид қилиб юришган эди, улар ҳам ўзлари каби ожиз, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган махлуқлар экан. Шунда улар дунёда Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашиб, унинг айтганларига кирсак, Аллоҳга имон келтириб, ҳидоят йўлига юрганимизда бугунги ночор, аянчли ҳолатга тушмаган бўлардик, деб афсус-надоматлар чекишади. Аммо энди кеч бўлган, надоматлар ўтмайдиган, ҳукмлар ўзгартирилмайдиган, сабаб-баҳоналар ҳисобга олинмайдиган вақт келган эди.
Ояти каримадаги “сўз” деб ўгирилган “қовл” ибораси баъзи ўринларда Қуръони карим маъносида келса, ушбу оятдаги каби ўринларда қиёматдаги ваъда қилинган азобни ҳам англатади. Бу дунёда одамларга раҳбар бўлиб, уларни йўлдан урган, Аллоҳга ширк келтиришга бошлаган мушрикларнинг сардорлари қиёмат азоби ҳақлигини билатуриб ҳам қилмишларидан қайтишмагани учун Аллоҳнинг қаттиқ азобига рўбарў бўлишади.

64. Уларга: «Шерик»ларингизни чақиринглар», дейилди. Улар чақиришган эди, уларга жавоб беришмади. Ва азобни кўришди. Кошки улар ҳидоят топганларида эди!
Аллоҳ таоло мушрикларга маломат қилиб айтадики, Менга “шерик” қилган ҳолларингда сиғинаётган ўша сохта “илоҳ”ларингизни чақиринглар, балки улар ҳозир ёрдамга келиб, сизларни Менинг азобимдан қутқариб қолар? Ахир, сизлар Пайғамбаримнинг даъватига қулоқ солмай, Менга бут-санамларни ва бошқа махлуқотимни шерик қилган, уларга сиғинган, охиратда ҳам улар сизларни ҳимоя қилишига ишониб юрган эдинглар-ку?! Шунда қийин аҳволда қолиб, нима қилишни билмай қолган мушриклар Аллоҳга шерик қилган сохта маъбудларини ёрдамга чақиришади. Аммо улар томонидан ҳеч қандай садо чиқмайди, бирортаси жавоб қилмайди. Улар қанақасига ҳам жавоб қилсин, бу дунёда бирор нафи тегмаган ожиз бут-санамларнинг охиратдаги таҳликали, хавотирли бир пайтда қандай ёрдами тегсин?! Ана шунда мушрикларнинг нажотдан, бирор ёрдам тегишидан умидлари узилди, оғир қисматга рози бўлишди. Аслида уларнинг бошқа иложлари ҳам йўқ! Дунё ҳаётида кимдандир ёрдам келишидан, азобдан бир амаллаб қутилиб қолишдан умид қилишлари мумкин эди. Қиёмат қойим бўлган, қудратли Аллоҳ таоло ҳисобга тортиб турган, азоб фаришталари Парвардигорларининг амрига шай турган бир паллада нима ҳам қила олишарди? Ҳаммасига ўзлари айбдор: Аллоҳнинг ваҳийларини эшитиб туриб, Пайғамбарнинг огоҳлантиришларидан хабардор ҳолда ширк ифлослигидан қутилишни ўйламаган, ҳидоят йўлига юришни истамаган эдилар. Аллоҳ ва Унинг Расулига осийлик қилиб, куфр ва ширк йўлини тутган кимсаларнинг оқибати ана шундай фожиали бўлиши муқаррар!

65. (Аллоҳ) уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларга нима жавоб бердингиз?» деган Кунда;
Олдинги оятдаги мушрикларга берилган саволлар тавҳид борасида эди, ушбу ояти каримада эса рисолат хусусида савол берилмоқда: “Эй мушриклар, сизлар ўз ақлларингиз билан Аллоҳни танимаган бўлсанглар, олдингизга пайғамбарлар юборилгач, уларни таниб, уларга эргашишингиз зарур эди. Улар сизларга ваҳийларимни етказганида сизлар уларни инкор қилишга ўтдингиз, пайғамбарларни ёлғончига, мажнунга, шоирга чиқармоқчи бўлдингиз. Сизларга пайғамбарлар юбориш орқали ширкни ташлаб, тавҳидга ўтишишингизни, сохта худоларни қўйиб, ягона Аллоҳга ибодат қилишишингизни ирода қилган эдик. Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, ундан олдинги пайғамбарлар ҳам сизларга бу амримизни етказишди, ҳақ йўлни кўрсатиб беришди, охиратдаги азобимиздан огоҳлантиришди. Мана шу чақириққа сизлар нима жавоб бердинглар? Гуноҳларингизни тан олиб, тавба қилдингларми? Ё Мендан мағфират сўрадингларми? Ё адашганингизни англаб, ҳидоят йўлига юрдингларми? Мана, Биз ваъда қилган қиёмат куни, Ҳисоб куни, Азоб куни келди. Ҳар бир банда дунё ҳаётидаги барча амаллари учун тўла ҳисоб берадиган, мукофот ва жазо белгиланадиган кун келди!

66. ана ўша Кунда хабарлар тўсилади ва улар бир-бирларидан сўрай олишмайди ҳам.
Кетма-кет саволлар қаршисида довдираб қолган мушрик кимсалар нима дейишни ҳам билолмай лолу ҳайрон туришарди. Улар худди гунг-соқов одамлар каби ўзларини оқлаш учун бирор сўз ҳам топа олмайдилар, нимадир демоқчи бўлишадию, аммо тилларига бир калима сўз келмайди. Чунки қиёмат куни хабарлар улардан тўсиб қўйилади, улар ҳатто атрофларида нима ишлар бўлаётганидан ҳам бехабар бўлишади. Улар ҳар қанча тиришсалар ҳам, бирор нарсанинг тагига ета олишмайди, бир-бирларидан ҳам бирор гапни сўрай олмайдилар. Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитганман: «Келишига шубҳа бўлмаган кун - қиёмат куни Аллоҳ одамларни жамлаганда бир нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалига бирортани шерик қил-ган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг хузуридан талаб қилсин! Албатта, Аллоҳ шерикларнинг ширкидан беҳожатидир!» деб нидо қилади» (Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривояти).

67. Энди ким тавба қилса, имон келтирса ва солиҳ амал қилган бўлса, шояд у нажот топувчилардан бўлса!
Қиёмат куни Маҳшаргоҳда турганда нажот топишнинг бирдан-бир чораси дунёда имон келтириш, ширкдан тавба қилиш ва қисқагина умрни солиҳ, савобли амаллар билан ўтказиш, холос. Исломнинг буюк ҳақиқати шундаки, у инсоният қаршисига икки йўлдан бирини танлаш ва унга амал қилиш имкониятини берди. Уларнинг бири ҳидоят йўли бўлиб, имон ва Ислом билан шарафланган, Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашиб, Унинг итоатида собит бўлган кимсалар дунё ва охиратда саодатга эришадилар, жаннат боғларида абадий роҳат-фароғатда ҳаёт кечирадилар. Бунинг акси ўлароқ, залолат йўлини танлаганлар эса Аллоҳнинг раҳматидан бебаҳра ғолиб, дунёда умрларини имонсизликда, итаотсизлиқца ўтказадилар, охиратда эса Аллоҳ азза ва жалланинг абадий қийноқ-азобларига гирифтор бўладилар.
Демак, ҳар бир инсон ўзига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари етиши билан дарҳол тавба қилиб, мусулмон бўлиши, солиҳ амалларни қилишга ўтиши керак. Маҳшар кунида нажот топиши учун бу дунёнинг ўзида имонга келиши, куфри ва ширкига дарҳол тавба қилиши,умрининг қолганини солиҳамаллар билан безаб ҳаёт кечиришга ўтиши лозим. Инсонга тавба қилиш эшиклари ҳамиша очиқдир. Ҳадиси қудсийда келишича, «Аллоҳ таоло: «Улуғлигим ва буюклигимга қасамки, то руҳи танасида экан, бандаларимга тавба эшиги очиқдир», деган» (Аҳмад, Абу Яъло, Ҳоким ривояти). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундай деганлар: «Жаннатнинг саккизта эшиги бор, биттасидан бошқа ҳаммаси очилиб-ёпилади. Фақат Тавба эшигигина ҳамиша очиқдир. Бу эшикнинг ёпилмай-очиқ туриши учун бир фаришта тайинланган. Шундай экан, ноумид бўлма, яхши амал қил!». Инсон билиб-билмай қилган гуноҳларига сидқидилдан пушаймон бўлса, тавба қилиб истиғфорлар айтса, Ҳақ таолонинг йўлига қайтса, иншааалоҳ, гуноҳлари мағфират этилади, ёмонликлари яхшиликка алмаштирилади. Шунинг учун у ҳамиша Яратганнинг раҳмат-мағфиратидан умидвор бўлиши, яхши амаллари ва афсус-надоматлари билан Унга астойдил тавба қилиши лозим. Шунда унинг тоғча гуноҳи бўлса ҳам кечирилади.

68. Парвардигорингиз хоҳлаганини яратади ва ихтиёр қилади. Уларда ихтиёр йўқдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир, олийдир.
Куфр ва ширк балосига учраган инсонга Аллоҳнинг дини, шариат йўли таклиф қилинса, у дарҳол “Дунёда ҳамма ҳур-эркин, сизлар эса эркимга тажовуз қиляпсизлар” деб эътироз билдириши мумкин. Аслида инсон нимада ҳур, нимада мажбуриятли саналади? Банданинг барча ишлари шубҳасиз Аллоҳ таолога аён ва Унинг Китобига ёзиб қўйилган. Лекин бу Унинг инсонни мажбурлаяпти, дегани эмас. Ҳақиқатан, тақдир азалдан белгилаб қўйилган, лекин фақат Аллоҳнинг илми доирасида чегаралаб қўйилган. Ўша жоҳил инсоннинг ақлига суяниб, келажакда ўғлининг зинокор бўлишини тахмин қилганида ҳақиқатан бу нарса келгусидаги ҳаётда содир бўлганига ўхшайди. Наҳот у ўз тахмини билан ўғлини бунга мажбурлаган бўлса? Ёки гарчи ўша одам бундан норози бўлса ҳам ва буни хоҳламаса ҳам тахминларининг рўёбга чиқиши кабидир. Инсоннинг эрк, озодлик ҳақидаги гаплари, туғилишда, миллат танлашда, ориқ ва семизликда, қуёш ва ойни тасарруф этишда ўзига ҳуқуқ берилмаганидан норозиликлари унинг катта хатосидир. Хатонинг яна бир сабаби шундаки, куфрдаги инсоннинг эрк-озодлик ҳақидаги тасаввурлари мўминларникидан фарқ қилади. Сен мутлоқ эрк ҳақида гапирасан: теримнинг рангини танлашда - оқ ёки қора танли бўлишимда, баланд ёки паст бўйли бўлишимда ихтиёр ўзимдами, қуёшни ўрнидан жилдириб, унинг коинотдаги ҳаракатини ўзгартира оламанми, дейсан? Сен мутлоқ эрк ҳақида сўрайсан, яъни коинотда хўжайинлик қилмоқчи бўласан. Бу эрк эса фақат ёлғиз Аллоҳ таологагина тегишлидир. Яратиш бобида ҳеч кимда эрк йўқ, чунки фақат Аллоҳнинг ўзи хоҳлаган ва танлаган нарсасини яратади. Аллоҳ таоло ҳеч қачон сенинг паканалигинг учун айбламайди, новчалигинг учун таъна қилмайди, қуёшнинг фазодаги ҳаракатини тўхтатиб қўймаганинг учун сени жазоламайди. Бу масалада, хоҳлайсанми-йўқми, Аллоҳга бўйсунасан, чунки бундан бошқа иложинг ҳам йўқ!
Бу дунёда фақат Аллоҳ таолонинг хоҳлагани, ирода қилгани бўлади, холос. Аллоҳ хоҳлаганини яратади, истаганини ихтиёр қилади. Бандалар эса Аллоҳнинг ихтиёр қилганини кўришади. Агар бандага ихтиёр бериб қўйилганида бу дунёда нималар бўлмас эди! Шунинг учун ҳам бу дунёда кечадиган ишлар одамлар ихтиёрига боғланмаган. Ана шундай “эркпараст” бандалар Аллоҳ таолога турли нарсаларни шерик қилишади. Лекин Аллоҳ таолонинг бундай шериклари йўқ. У Зот мушриклар келтираётган шерикларнинг ҳаммасидан олийдир, юксакдир, поқдир. Муфассирлар айтишади: “Бу оят Валид ибн Муғийранинг гапига жавоб сифатида нозил бўлган. У Аллоҳ таоло ҳақида: “Аллоҳ пайғамбарларни Ўз иҳтиёри билан юбормайди, деган эди”.

69.    Парвардигорингиз уларнинг дилларидаги яширин нарсаларни ҳам, ошкор қилаётганларини ҳам билади.
Эй Пайғамбарим, Парвардигорингиз борлиқдаги ҳамма нарсадан, ҳатто энг махфий сирлардан ҳам, инсонлар билишга қодир бўлмаган ғайб асрорларидан ҳам яхши хабардордир. Аллоҳ таолодан ҳеч бир нарса, ҳеч бир сир-синоат махфий қолмайди. У ҳамма нарсани, ҳатто мушрикларнинг дилларидаги яширган сирларини ҳам билади. У Зот мушрикларнинг сизга қарши қандай туҳмат гапларни тарқатаётганини ҳам, Аллоҳнинг ваҳийларини уларга етказиш учун сизни Пайғамбар қилиб юборганимизни инкор қилишаётгани ҳам яхши билади. Охиратда эса Аллоҳ таоло мана шу билганларига қараб жазо ёки мукофотларини беради.

70.    У Аллоҳдир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Дунёда ҳам, охиратда ҳам мақтов Унга хосдир. Ҳукм Уникидир ва Унгагина қайтариласизл ар.
Дунё ва охиратда бандалик қилишга, итоат ва ибодатга сазовор ягона Зот фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун Аллоҳдан бошқага ибодат этган, Ундан ўзганинг йўлидан юрган, ҳожатларини Ундан бошқадан сўраган одам Унга шерик нисбат бериб, икки дунё саодатидан мосуво бўлади. Аллоҳнинг имонли бандалари дунёда ҳам, охиратда ҳам мақтовни фақат Аллоҳга йўллайдилар. Нечун мақтовларимиз Унга бўлмасинки, Аллоҳ бизларни йўқдан бор қилиб яратган бўлса, имон билан шарафлаб, икки дунё саодатини кафолатлаб қўйган бўлса, Ер юзидаги ҳамма нарсани бизларга бўйсундириб, ҳаёт кечиришимиз учун ҳамма қулайликларни ато қилиб қўйган бўлса, ҳар куни беминнат ризқ ато этиб турган бўлса!
Барча махлуқотнинг ягона яратувчиси бўлганидан кейин улар орасида ҳукм қилиш, дунё ва охиратда Ўз низомини жорий қилиш ҳам фақат Унга хосдир. Борлиқнингягона Эгаси бўлмиш Аллоҳнинг ҳукми юрмай, бошқанинг хукми жорий бўлармиди! Барча инсонлар фоний дунёни тарк этиб, вафот этганларидан кейин қиёматда қайта тириладилар ва ҳисоб-китоб учун Унинг ҳузурида жам бўладилар. Унинг ҳузурига қайтишимиз аниқ бўлганидан кейин, ҳар бир банданинг амалига яраша мукофот ёки жазо ваъда қилиб қўйганидан кейин у вақтни бой бермай, Аллоҳнинг ягоналигига, ҳеч қандай шериги йўқлигига имон келтириши, ширкка йўл қўйган бўлса, дарров тавба ва истиғфорга шошилиши, имонини мустаҳкамлаб, ҳаётини солиҳ амаллар билан безашга ўтиши лозим. «Ла илаҳа иллаллоҳ» Ислом динининг энг биринчи асоси, тавҳиднинг шиоридир. Бу билан инсонлар Аллоҳ таолонинг ягоналигини, У ҳамма нарсанинг танҳо яратувчиси эканини, У бутун коинот ва жамиятдаги ҳамма нарсани кузатиб-бошқариб туришини, фақат Унинг Ўзигагина сиғинилиши, шукр ва ибодат қилиниши, амр-фармонларига итоатда бўлиниши лозимлигини англайдилар. Абу Умома Бохилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса ва Аллоҳ учун ман қилса, иймонни комил қилган бўлади» (Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривояти).
Кейинги ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, ғофил инсонларнинг эътиборини Аллоҳ таолонинг ҳақиқатан ҳам ибодатга, ҳамду санога сазовор ягона Зот эканига, ҳукм ва қиёмат эгаси эканига далил бўлувчи нарсаларга тортишни буюрмоқда:

71. (Эй Муҳаммад), «Айтинглар-чи, агар Аллоҳ кечани устингизда қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси “илоҳ” сизга ёруғлик келтира олади? Ахир эшитмайсизларми?!» денг;
Яъни, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига одамларга шундай деб хитоб қилишни буюрмоқда: “Эй инсонлар, айтингларчи, Аллоҳ қуёшни шарқдан чиқишига йўл қўймай, умуман қуёшни чиқармай, ҳаммаёқни қоп-қоронғи зулматдан иборат қилиб қўйса, Ундан ўзга қайси бир “илоҳ” уни чиқариб, зулматли тунни ёруғ кундузга айлантириб бераркин? Ҳақиқатан, инсонлар озгина фикр юритиб кўришса, Аллоҳ таолонинг ҳар бир ишида улар учун қанчалар фойда ва ҳикмат яширинган. Оддийгина кун ва тун масаласини олиб кўришсин: агар Аллоҳ инсон ҳаётини фақат тундан иборат қилиб, ёруғликни йўқ қилиб кўйса, унинг ҳоли не кечаркин? Кундузи қиладиган касб-корини, зироатини қандай бажаради? Атрофидаги беҳисоб манзараларни, ажойиботларни кўра оладими? Борлиқдаги ўзгаришларни, одамларнинг қиёфасини, бошқа беҳисоб нарсаларни қандай ажрата олади? Демак, кеча ўрнига ҳеч ким кундузни келтириб бера олмас экан, Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот уларнинг ўрнини алмаштиришга қодир эмас экан, унда нега инсонлар ана шу қудратли, ҳамма нарсага қодир Зотга имон келтирмай, куфр ва ширк ботқоғига ботиб юришибди. Ахир, улар Пайғамбарнинг даъватларини эшитишмайдими, унга эргашишмайдими, Аллоҳнинг ваҳийларига имон келти-риб, дунё ва охиратда нажотга эришишмайдими?

72. «Айтинглар-чи, агар Аллоҳ кундузни устингизда қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси “илоҳ” сизларга таскин оладиган кечани келтира олади?! Ахир кўрмайсизларми?!» денг.
Эй Пайғамбарим, улардан сўраб кўринг-чи, қиёмат кунигача Аллоҳ қуёшни ўз жойига ботишига йўл қўймай, ҳамиша кундуз ёруғлигидан иборат қилиб қўйса, бандаларнинг ҳоли не кечган бўлар-ди? Кундузлари ризқ талабида тиним билмай ишлаган инсонлар кечалари бироз ором олиб, ҳордиқ чиқармоқчи бўлишса-да, кун ботмай ҳаммаёқ ёп-ёруғ бўлиб тураверса, кўзларига уйқу келармикин, таналарини эртанги кун учун тетик-бардам қилиша олармикин? Бу ҳолат қиёматгача давом этгудай бўлса, инсонлар чарчоқ-ҳорғинлиқцан барвақт қартайиб, ажаллари келмай туриб ўлиб кетишмасмикин? Тун ортидан кундуз келишини қатъий, ўзгармас низомга Аллоҳ солиб қўймаса, бошқа ким ҳам буни уддалай олар-ди? Ким кеча ва кундузнинг ўрнини ўзгартиришга қодир бўла оларди? Буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмайди. Демак, кундузни ўз вақтида кетказиб, ўрнига одамлар ором оладиган кечани олиб келаётгани учун ҳам Аллоҳ таолога ҳар қанча ибодат қилинса, ҳар қанча ҳамду сано айтилса, камлик қилади. Эй ғофил инсонлар, буюк Парвардигорингиз азза ва жалланинг нималарга қодирлигини кўрмайсизларми?

73. У Ўз раҳмати билан сизларга кеча ва кундузни ором олишингиз ва Ўз фазлидан исташингиз учун пайдо қилди. Шояд, шукр қилсанглар.
Яъни, шу тариқа кеча ва кундузнинг пайдар-пай аламашиб келиши, бирининг ўрнини бошқаси эгаллаб олмаслиги Парвардигорингизнинг буюк марҳамати ва иноятидандир. Аллоҳтаоло Ўз раҳмати билан кечани одамлар ором топишлари, жисм ҳужайралари янгиланиб олиши учун, кундузни эса Аллоҳнинг фазли талабида меҳнат, иш, ҳаракат қилишлари учун яратиб қўйган. Бунинг эвазига эса бандаларидан шукр қилишларини талаб этяпти. Дарҳақиқат, бу икки нарса Аллоҳ томонидан одамларга берилган улуғ неъматлардир. Одамлар булар учун беадад шукрлар айтишлари, Парвардигорларига мақтов-санолар йўллашлари зарур эди. Аммо одамларнинг аксарияти Аллоҳга шукр қилиш ўрнига, Унга куфр, ширк келтиришмоқда. Улар қиёматнинг тезда келишини, мушриклар қилмишлари борасида Парвардигор ҳузурида ҳисобга тортилишларини ўйламай, ҳамон ғафлатда юришибди. Аммо мушрикларни ҳисоб-китоб қиладиган Кун албатта келади.

74. (Аллоҳ) уларга нидо қилиб, «Сизлар даъво қилган «шерик»ларим қани?» деган Кунда;
Олдинги оятларда ҳам зикр қилинганидек, Аллоҳ таоло қиёмат куни мушрикларни Ўз даргоҳида ҳозир қилиб, уларни қаттиқ сўроққа тутади: “Дунёда турли ожиз ва сохта маъбудларни Менга шерик қилиб, уларга сиғинган, ҳожатларингизни улардан сўраб юрган эдинглар. Мана Биз ваъда қилган қиёмат бўлди, ҳузуримда ҳисоб бериш учун сафланиб турибсизлар. Қани, ўша Менга тенглаган ва шерик қилган маъбудларингизни топиб келинглар-чи, бугун сизларнинг жонингизга оро кириб, ёрдам қўлини чўзармикин? Бундай қила олишмайди ҳам! Чунки Мен барча махлуқотни яратган, уларга жон бағишлаган, уларнинг барча ишларини тасарруф қиладиган ва охирги хукмни чиқарадиган ягона Аллоҳдирман! Абу Саъид Худрий розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алай-ҳи васаллам айтдилар: «Эй Абу Саъид, ким Аллоҳни - Робб, Исломни - дин, Муҳаммадни - Расул деб рози бўлса, унга жаннат вожиб бўлади» (Муслим ривояти).

75. ва ҳар бир умматдан бир гувоҳ чиқариб: «Далилларингизни келтиринг!» деймиз. Шунда улар ҳақ Аллоҳники эканини билишади ва тўқиб олганлари улардан ғойиб бўлиб қолади.
Қиёмат қойим бўлгач, Аллоҳ таоло ҳар умматнинг пайғамбарини гувоҳ сифатида чиқариб олиб, умматларга «Менинг «шеригим» борлиги ҳақида қилган даъволарингизга ҳужжатларингизни келтиринг», дейди. Шу пайтда гувоҳлар инсонларнинг самовий шариатлар ва илоҳий динларга қандай муносабатда бўлишганига ўз шоҳидликларини баён қилишади. Кейин мушриклардан “Аллоҳга шерик нисбат бериш учун қандай далил-асосларингиз бўлса, келтиринглар!” деб сўралади. Албатта бунда ҳеч бири муносиб жавоб бера олмайди, итоат ва ибодатга сазовор ягона Зот Аллоҳ эканига ҳеч бир шубҳалари қолмайди. Шу вақтда улар илоҳлик ҳаққи фақат ягона Аллоҳники эканини англаб етишади ва ўзлари тўқиб олган сохта маъбудлари бирдан олдиларидан йўқолиб қолади. Ана шунда ҳақиқий эътиқод ягона Аллоҳга сиғиниш экани, бундан бошқа барча маъбудлар ботил экани яққол аён бўлади. Билишсаки, ягона Аллоҳнинг ҳеч бир шериги ҳам, тенги ҳам, ўхшаши ҳам йўқ экан, илоҳлик ҳаққи ҳам фақат Унга тегишли экан, Аллоҳ ҳақида пайғамбарлар келтирган хабарларнинг бари рост экан, ўзлари тўқиб олган ширк ва ботил ақидаларнинг бари асоссиз сафсаталар экан. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: «Қиёмат куни одамлар гуруҳларга айланишади. Ҳар бир уммат ўз набийсига эргашади. Улар: «Эй фалончи, шафоат қилинг!» дея дея, ниҳоят шафоатчилик Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келади. Бу Аллоҳ у зотни Мақоми маҳмудда тирилтирадиган кунда бўлади» (Бухорий ривояти).
Шундан кейин дунёдаги кўпгина бало-офатлар сабабчиси бўлган сиёсий истибдод ҳақидаги қисса ва унга тегишли оятлардан кейин туғёнга кетган иқтисодий бузғунчилик, иқтисодий истибдод ҳақидаги оятлар келади. Ислом сиёсий истибдод ва зўравонликка қарши бўлганидек, иқтисодий истибдод ва зўравонликни ҳам бирдай қоралайди. Исломда мол-дунё мақталмайди ҳам, қораланмайди ҳам, балки уни тасарруф қилишдаги ҳолатларга эътибор берилади. Бойлик инсонларга вақтинча берилган бир омонат, ҳақни топишда бир васила, деб қаралса, ҳақиқатан ҳам у бир неъмат бўлади. Фақирлик эса ёмон ишларга-гуноҳларга етакловчи ишлардан қайтарса, ҳақиқатан ҳам у буюк неъмат саналади. Мол-дунё бир восита холос, нимага восита бўлса, шунинг ҳукмини олади. Агар у саодатга, савобга эриштирса, дунё қийматлидир. Агар у гуноҳларга етаклаб борса, дунё энг ҳақир, паст нарсадир.

76. Қорун Мусо қавмидан бўлиб, кейин уларга кибр қилди. Биз унга шунчалар хазина берган эдикки, калитлари бақувватлар гуруҳига ҳам оғирлик қилар эди. Ўшанда қавми унга айтди: «Зўравонлик қилма, Аллоҳ зўравонларни ёқтирмайди;
Қорун Мусо алайҳиссаломга қариндош бўлган, шунга қарамай, унинг қалбида мунофиқлик бор эди. Қуръони каримда Қорун каби Аллоҳ душманларининг муфассал ҳасби ҳоли келтирилмайди, бундайларнинг қачон яшаб ўтгани ҳақида хабар ҳам берилмайди, бал-ки Қорун қиссасидан асрлар оша одамларга ибрат бўладиган ўринлари келтириб ўтилади. Қорун Мусо алайҳиссалом қавмидан бўлган ниҳоятда бадавлат бир кимса эди. Аллоҳ таоло унга имтиҳон учун жуда катта бойлик ва мол-мулк ато этган эди. Унинг мол-мулки шу даражада кўп эдики, хазиналарининг калитларини кўтариб юриш бир гуруҳ кучли одамларга ҳам оғирлик қилар эди. Давлатини ҳаммага кўз-кўз қилиб, қимматбаҳо кийимлар кияр, бошқаларнинг ҳасади ва адоватини қўзғашга интилар эди. Аммо у бунга ношукрлик қилиб, бу бойликларни берган Аллоҳга исён қилди. “Буларни ўз уқувим ва иқтидорим орқали қўлга киритганман” деган даъвода кибр ва туғёнга кетди. Ўша вақтда шунчалик молга эгалик уни ҳовлиқтириб юборади. Шу сабабли ўз қавмига такаббурлик қилади, уларга зўравонликда бўлади.
Инсон дунёга ҳирси, муҳаббати туфайли кўп зарар кўради, ҳаловати кетади, боқий дунёга тайёргарлик ишларидан чекинади. Хабарларда айтилишича, «Дунёни тарк этиш қалбни ва баданни тинчлантиради. Унга рағбат ва муҳаббат қўйиш эса ғам-ташвишни кўпайтиради». Дунёга харислик билан чанг солиш учун ҳеч қандай сабаб-баҳона йўқ. Қорун каби фосиқ ёки кофир кимсаларнинг ғурурланиши учун Аллоҳ таоло уларга дунёни керагича бериб қўяди. У худди шунингдек, солиҳ бир кишига ҳам беҳисоб мол-дунё ато қилиши мумкин. Бойликка қодир бўлган одам дунёсига мағрур бўлиб, «Худо мени севгани учун ёки иззат-икром қилгани учун менга беҳисоб мол-дунё ато қилди», деб ўйлайди. У бунча бойликни уни синаш учун, вақтинча бир муҳлатга берилганини ўйлаб кўрмайди. Буларни ўзимнинг кўрган тадбирларим, уддабуронлигим, елиб-югуришларим орқасидан қўлга киритдим, деган хомхаёлга боради. Бойлик обрў-мартаба ёки фахр-кибрланиш асоси эмас. Шунчаки бой киши Аллоҳнинг иродаси билан бугун мулк-бойлик эгаси бўлган. Мол-дунё ва бойлик ҳеч қачон инсоннинг мукаррамлигини ва мавқеини белгиламайди. Хабарларда келишича: «Аллоҳ ҳузурида дунёнинг чивин қанотичалик қиймати бўлганида эди, кофирларни ундан бир қултум сувча манфаатлантирмас эди».

77. ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни изла, дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилгани каби сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни истама, Аллоҳ бузғунчиларни ёқтирмайди».
Мўмин киши Аллоҳ таоло берган мол-дунёга қандай муносабатда бўлиши керак? Мана шу саволга жавоб ушбу ояти каримада баён қилиб берилган. Мусулмон банданинг қўлига мол-дунё тушганда у ўзини худди мана шу оятда айтилган насиҳатга мувофиқ ҳолда тутиши лозим. Имонли инсон энг аввало Аллоҳ таоло ато этган мол-дунё билан охиратини излашга интилади. Яъни, мол-давлатини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлайди. Ҳаром-хариш, гуноҳ, фисқ-фужур ва беҳуда ишларга харжламайди, чунки бехуда ишларга сарфланган мол-давлат бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди, аксинча, эгасига фақат зиён келтиради. Лекин мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб, унутиб ҳам юбормайди. Бу дунёда ҳам яхши яшаб, Аллоҳ берган мол-дунёдан ҳалол йўл билан, такаббурлик қилмай фойдаланади. Ҳалол-пок мол-дунё Аллоҳнинг бандасига берган ҳадяси ва яхшилигидир. Ўша илоҳий неъматдан баҳраманд бўлган ҳар бир банда бошқа одамларга ҳам яхшилик қилиши керак. Турли сабабларга кўра ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қолган биро-дарларига ёрдам бериши, бева-бечора, фақир-мискинларнинг ҳолидан хабар олиши, мусулмонлар манфаати йўлида хайр-эҳсонлар қилиши шундай ишлар қаторига киради. Аллоҳ берган мол-дунёга қувониб, унга фахрланиб, молига ишониб бузғунчиликка - фасод ишларга берилиш ҳеч бир ахлоққа тўғри келмайди. Аллоҳ бузғунчиларни хуш кўрмайди. Шунинг учун улар икки дунёда хор-зор бўладилар. Қўлига мол-дунё тушган одамларда диндорлик, тақво бўлмаса, ҳовлиқиб кетадилар, дарров бузғунчилик қилишга киришадилар. Қорун ҳам ўшандай нафси бузуқ, насиҳат кор қилмайдиган, мол-дунё қутуртирган одамлардан эди. У ўз қавмининг насиҳатларини қулоққа олмади. Ўзига берилган беҳисоб мол-дунёни ўзидаги илм, иқтидор туфайли қўлга киритганини пеш қила бошлади. Агар мол-дунё кишининг илми ёки иқтидорига қараб берилганида номдор олимларнинг бирортаси, кашфиётларни ўйлаб топган салоҳиятли инсонларнинг ҳеч бири фақирлик кўчасидан ўтмаган бўларди. Ҳолбуки, бундай илмли, ақлли, иқтидорли кишиларнинг кўпчлиги сира бой бўлишмаган.

78. У: «Менга булар ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», деди. Аллоҳ ундан олдинги авлодлардан ундан кўра бақувватроқ, йиққанлари уникидан кўпроқларни ҳам ҳалок этганини у билмасмиди?! Гуноҳкорлардан гуноҳлари ҳақида сўраб ҳам ўтирилмайди.
Аллоҳнинг лутфи-инояти билан қўлига катта мол-дунё тушиб қолган инсон буларни ўзига ким берганини тезда унутади. Уларни гўё ўз иқтидори, елиб-югуриши ёки интилиш-ҳаракатлари билан қўлга киритгандай, дарров туғёнга кетади. Дунёдаги барча мол-дунё эгалари каби Қорун ҳам бойлигига маҳлиё бўлиб, бунга ана шундай назар билан қарар эди. “Бу мол-мулклар менга илмим туфайли берилди, мен ўзимдаги қобилиятни, илмни ишга солиб, мол топдим, энди қандай қилиб сарфлашни ҳам ўзим биламан”, деб ўйлар эди. Имони, дини бўлмаган барча бойларнинг ҳам худди Қорун каби фикр юритишлари аниқ. Шунинг учун улар туғёнга кетиб, такаббурлик қилишади, бойликларига маст бўлиб, Ерда бузғунчилик қилишга ўтишади. Қоруннинг бунчалар бойиб кетишига Аллоҳ сабаб қилган қайси илм экани ҳақида уламолар турли фикр айтишган, баъзи муфассирлар “Тавротни яхши билиши” дейишса, бошқалари у пухта билган кимё илми” деб ёзишган. Иккинчи тафсир ҳақиқатга яқинроқдир.
Ислом динида мол-дунёга эга бўлиш қораланмайди, аксинча рағбатлантирилади. Бойлар эса танқид қилинмайди. Чунки инсоннинг бой ёки камбағал бўлиши Парвардигорнинг ўлчовларидир, синови-имтиҳонидир. У кимларгадир мол-дунёни беками-кўст қилиб берган, кимнидир эса бойлиқцан, мол-дунёдан қисган. Чунки мол-мулк мутлақо эзгулик, яхшилик тимсоли-белгиси эмас. Унинг бойлик бермагани ҳам, бергани ҳам хайрдир, саховатдир, эзгуликдир. Ўз ҳолича на бадавлатлилик ва на фақирлик неъмат ёки фалокат ҳисобланмайди, балки ўз ўрнига кўра фақирлик энг буюк неъмат ва марҳаматдир. Агар инсон олийжаноб бўлсагина, ўзига берилган мол-давлатни тўғри йўлга сарфласагина, у яхшилик келтиради, акс ҳолда катта кулфат ва фалокатлар сабаби бўлиши мумкин. Шунингдек, динимиз топилган мол-мулкни ҳалол-пок йўлда сарфлаш зарурлигини ҳам қаттиқ тайинлайди. Мол-мулк эгасини туғёндан, такаббурлиқцан ва ер юзида бузғунчилик қилишдан қайтаради. Хабарларда айтилишича, «Дунёни тарк этиш қалбни ва баданни тинчлантиради. Унга рағбат ва муҳаббат қўйиш эса ғам-ташвишни кўпайтиради». Дунёга харислик билан чанг солишимиз учун ҳеч қандай сабаб-баҳона йўқ. Агар бундай йўл тутсак, зарарга кирамиз, дунё бизни фойдали амаллардан, катта ишлардан чалғитади, йўлдан оздиради, ўзига мубталомашғул қилиб қўяди. Унга берилиб 248 кетиб, бора-бора дунёга не мақсадда келганимизни ҳам унутамиз, ҳақ йўлдан адашамиз, гумроҳлик кўчаларида адашиб тентираймиз.
Аммо имони суст ёки имонсиз кимса дунёга муҳаббат қўйса, мол-дунё ишқига гирифтор бўлса, унинг ҳолига вой, деяверинг. У бойлик кетидан зир елиб-югуради, ҳаромдан мол тўплайди, бахиллик билан уни сарфлашдан воз кечади ва тўплаб-кўпайтиришга зўр беради. Унинг кўзини ҳирс пардаси қоплаган, ҳеч нарсани, ҳатто атрофидаги муҳтожларни ҳам кўрмайди. Пул топиш дардида ҳаромдан ва зулмдан қайтмайди, ўғирликдану пора олишдан ва беришдан ҳам жирканмайди.
Қуръони каримнинг ушбу оятларида қиссаси зикр қилинаётган Қорун ҳам ер юзида бузғунчилик қиладиган мулкдор бойлардан эди. У ўзига берилган бойликни ўз илми билан топгани ҳақида лоф урарди. У бойлиги туфайли кибр ва туғёнга кетиб, одамларнинг бойликни нимага сарфлаш ҳақидаги насиҳатларини эшитгиси ҳам келмасди. «Мен мол-дунёни ўз илмим ва ақлим билан топганман, сизларнинг менга молни қандай сарфлашим ҳақида маслаҳат беришингиз нимаси? Нима қилишни ўзим биламан”, дерди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ундан олдин ҳам, кейин ҳам ундан кўра бадавлатроқ, ундан кўра куч-қудратлироқ,ундан ҳам кўп мол-дунё тўплаган қанча авлодларни ҳалок этиб, тарих саҳнасидан беному-нишон йўқ қилиб юборганини у билмасмикин? Улар ҳам Қорун каби бойлигига қувониб, ғурур ва туғёнга кетгани, бузғунчиликни кучайтиргани учун ҳалок бўлиб кетишди. Уларни йўқ қилган Аллоҳ таоло учун Қорунни ҳалок этиш ҳеч гап эмас! У Зот Қорун каби синовдан ўта олмаган золим кимсаларни гуноҳини сўраб ҳам ўтирмай, ерга юттириб ёки бошқа йўл билан ҳалок қилаверади.

79. Сўнгра у қавми ҳузурига ясан-тусан билан чиқди. Дунё ҳаётини истайдиганлар: «Қанийди, Қорунга берилганидан бизга ҳам бўлса эди. Ҳақиқатан у улуғ насиба эгасидир», дейишди.
Дунё зийнатлари ва лаззатлари шунчалар жозибали, ўзига жалб қилувчики, камдан-кам кишигина уларга алданмай қолмайди. Одамларнинг аксарияти ўзидан бадавлатроқ, мартабалироқ, кўркамроқ ва қўли ҳамма нарсага етадиганроқ кишини кўриб қолса, дарров уларга ўхшашга, тақлид қилишга ўтади, улардан ибратланишга ҳаракат қилади. Аммо бундайлар дунё ҳаётининг ана шу кўриниш ва жим-жималари ортида қандай аянчли оқибат, қандай ҳисоб-китоблар, не кўргиликлар яшириниб турганини билишмайди. Қорун қавми ҳам ана шундай дунё ҳаётига алданган одамлардан эди. Ўз қавмидаги инсофли, билимли одамларнинг насиҳатига қулоқ солмаган, мол-дунёси кибр ва туғёнга кетказган Қорун бой-лиги билан фахрланиш, бошқаларни лол қолдириш учун қавм қаршисига бор зеб-зийнатларини кўз-кўз қилган ҳолда чиқиб келди.
Одатда Қорун каби дунёсига фахрланиб, кибри жўшиб кетган бойлар шунақа бўлади. Одамларни қойил қилиш учун улар олдига ясаниб-тусаниб чиқиб келади. Улар бошқалардан кийимлари, уловлари, юриш-туришлари, хизматкорларининг кўплиги ва бошқа “имтиёз”лари билан ажралиб туришни хохдашади. Бундай бойлар нима қилиб бўлса ҳам бошқалардан “устунлик”лари билан ҳаммани қойил қолдиришга ҳаракат қилишади. Мақсадларига қисман эришадилар ҳам. Баъзи бир кишилар уларга ҳавас қилишади, кўнгилларидан турли фикрларни ўтказишади, улар хақида ҳавас, мақтов сўзларини айтишади. Қорун ўз қавми ичига зебу зийнати ила чиққанида ҳам шундай бўлди. Дунё бойлигини истайдиган, бунга муҳаббат қўйган кимсалар тамшанган ҳолда “Қанийди, Қорунга берилган нарсалар бизларга ҳам ато қилинсайди, унга катта насиба берилган-да” қабилидаги сўзларни айтишдан ҳам тортинишмади. Мол-дунёсига ишониб, фахрга борган, мутакаббирлик билан ғурурга кетган, дунёда бузғунчилик қилишга уринган ношукр одамга фақат бу дунё ҳаётини ўйлайдиган кишиларгина ҳавас қилиши мумкин. Ушбу дунёнинг беш кунлик матоҳига эришишдан бошқа мақсади йўқларгина ўша туғёнкор, бузғунчи кимсага ўхшашни орзу қилиши мумкин. Ана ўшаларгина ғурурга кетган мазкур мутакаббирни «улуғ насиба эгаси» деб аташлари мумкин эди.

80. Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга Аллоҳнинг ажр-савоби яхшироқ-ку, аммо бунга сабр қилганларгина эришадилар», дейишди.
Бойликда туғёнга кетиб, ер ютган Қоруннинг қавмида илмли кишилар ҳам бор эди. Улар ўз вазифаларини адо этиб, олдин Қорунга, сўнгра унга ҳавас қилаётган кишиларга насиҳат қилишди. Бир томонда молу дунё билан ғурурланишнинг, туғёнга кетишнинг чўққисига чиқиб олган Қорун турган бўлса, иккинчи томонда унинг қавмидан бўлган, мол-дунё истаб ва излаб ўтаётганлар бор эди. Улар “Қанийди, бизда ҳам Қорунга берилганчалик мол-мулк бўлса эди”, деб ҳавас қилиб юришар эди. Учинчи томонда эса илм берилганлар, улар мол-дунёнинг фитнасини яхши билишгани учун унга унча рағбат кўрсатишмайди, аксинча одамларни дунёга муккадан кетишдан қайтариб туришади. Улар “Сизлар истаётган бойликдан Аллоҳнинг савоби яхшироқ” дея бошқаларга насиҳат қилишади. Маълумки, барча жамиятларда моддият туғёнидан устун тура оладиган, унинг ҳою ҳавасига учмайдиган, моддий бойликнинг ҳаётдаги ўрнини тўғри баҳолай оладиган кишилар ҳам бўлади. Улар бу мақомларида ўзларига берилган тўғри илмга асосланишса, мол-дунё фитнасига учишмайди, бой-бадавлат кимсаларнинг ҳашам ва қасрларига ҳавас қилишмайди, балки ана шундай “ҳавасмандлар”га насиҳат қилиб туришади. Улар бу дунёда ҳою-ҳавасга, зебу зийнатгагина ярайдиган мол-дунёдан кўра, Аллоҳ таоло бандага имони ва амали солиҳ учун берадиган савоб яхши эканини одамларга эслатишади. Кишиларни имонга, солиҳ амалларга чақиришади, Аллоҳнинг савобига эришиш учун эса матонат, сабр-чидам зарурлигини ҳам айтишади.
Аллоҳнинг савоби-мукофотига сазовор бўлиш учун бандадан улкан сабр-бардош талаб қилинади. Имонли бўлиш қийинчилик-ларига ва солиҳ амаллар йўлидаги тўсиқларга ҳамда бу дунё зебу зийнатларидан ўзини тийиш йўлидаги машаққатларга қаттиқ тоқат қилиш керак бўлади. Мол-дунё фитнасига учмаслик учун ҳам банда ниҳоятда сабрли бўлиши зарур. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳамиша мўмин-мусулмонларни сабрга чақирганлар. У зот алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларда “Имоннинг афзали сабрли ва кенг қалбли бўлишдир”; “Сабрлилик мусибатнинг илк дақиқаларида билинади”, лейилган. Донишмандлар “Сабр қулларни подшоҳларга айлантиради” дейишган бўлса, Ҳасан Басрий “Сабри бўлмаган кишининг дини йўқ”, деганлар.

81. Кейин Биз уни ва ҳовли-жойини ерга юттирдик. Унга Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирор гуруҳ бўлмади, ўзи ҳам ёрдам олувчилардан бўлмади.
Тафсирларда келишича, Аллоҳ таолонинг амри билан Қорунни ҳам, ҳовли-жойини ҳам ер ютди. Қорун ҳам, унинг бойликлари ҳам, кибру ҳавоси ҳам ўзи билан бирга йўқ бўлиб кетди. Қорунга Аллоҳнинг азоби келганида, унга ёрдам берувчи бирор кимса топилмади. Унинг ўзи ҳам илми билан, мол-дунёси билан ўзини Аллоҳнинг азобидан ва ҳалокатидан қутқариб қола олмади. Ривоят қилинишича, Мусо алайҳиссалом Қорунга бойлигидан закот беришни таклиф қилади. Ҳар минг динордан бир динор, минг дирҳамдан бир дирҳам бериш кераклигини эшитиб, Қорун бахиллик қилади ва закот беришдан бош тортади. Бу билангина кифояланиб қолмай, бошқа бойларни ҳам Мусо алайҳиссаломга қарши қайраб, туҳмат уюштиради ва у кишини шарманда қилмоқчи бўлади. Шунда Мусо алай-ҳиссалом Аллоҳдан Қорунга жазо беришни сўрайди. Аллоҳ қандай жазо беришни Мусонинг ўзига ҳавола қилади. Мусо алайҳиссалом ерга Қорунни ютишни буюради. Тиззасигача ютганида Қорун Мусо алайҳиссаломга ёлбора бошлайди. Сўнгра елкасигача, охири бутунлай ерга кириб кетади. Шунда Аллоҳ таоло Мусога: “Қорун сенга уч бор ялинди, кечирмадинг, Мен бир марта ялинганни кечираман”, дейди. Одамларнинг “Мусо Қоруннинг бойлигига эга бўлиш учун уни ўлдирди” дейишгач, хазиналарини ҳам ер ютишини сўради.

82. Кечагина унинг мартабасини орзу қилганлар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаганларининг ризқини кенг ёки танг қиладиганга ўхшайди. Агар Аллоҳ бизларга лутф қилмаганида, бизларни ҳам ерга юттирар эди. Воажаб, кофирлар нажот топмас экан-ку!» дейишга ўтдилар.
Одамлар кечагина Қорунга берилган беҳисоб мол-давлатни, шон-шавкатни кўриб,унингмартабасига етишни орзу қилиб юришган эди. Аллоҳ таоло бойлигига керилиб, Аллоҳнинг амрларини писанд қилмай қўйган Қорунни ва бойликларини ерга юттирганидан сўнг улар эс-ҳушларини йиғиб олишди. Мол-дунё ишқида “ёнган” ғофил кимсаларнинг кўзи шунга ўхшаш ҳалокатлар чоғида очилиши мумкин. Қорунни ва унинг бойликларини, ҳовли-жойини ва бор мулкини ер ютганидан кейингина унга ҳавас қилаётган одамларнинг, дунё ҳаётига ва бойликка ружу қўйганларнинг кўзлари ярқ этиб очилди. Ва кечагина унинг мартабасини ҳавас қилаётганлар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаганларининг ризқини кенг ёки танг қиладиганга ўхшайди. Агар Аллоҳ бизларга лутф қилма-ганида, бизларни ҳам ерга юттирар эди. Воажаб, кофирлар нажот топмас экан-ку!» дейишга ўтишди. Ана шунда билишдики, бойлик ва мол-дунё сурати чиройли, аммо ичи заҳарли илонга тўлган нарса экан. Бир инсоннинг бойлиги унинг Аллоҳ ҳузурида муҳтарама-лиги, пешқадамлиги белгиси эмас экан. Аллоҳ хоҳлаган бандасига у яхши ёки ёмон бўлишидан қатъи назар, беҳисоб бойлик бериб, бошқасини бундан қисиб қўядиган ва бунинг ҳикматини ёлғиз Ўзи биладиган Зот экан. Шунда улар: “Яхшиямки, бизларни ҳам Қорун каби ғофил ва мағрур давлатмандлардан қилиб қўймабсан, йўқса, бизларнинг оқибатимиз ҳам уники каби барбод бўлар эди”, Парвардигорларига шукр айтишди. Ҳадисда келганки, «Дунёни тарк этиш қалбни ва баданни тинчлантиради. Унга рағбат ва муҳаббат қўйиш эса ғам-ташвишни кўпайтиради». Шунинг учун Фахри коинот дунё рағбатини ва салтанатини орзу қилмадилар, дунё матосига майл-рағбат кўрсатмадилар, мол-дунё тўпламадилар. Тўйиб таом емадилар, гоҳо очликларини яшириш учун қоринларига тош боғлаб юрдилар. Қўлларига пул тушгудай бўлса, ўша куни кеч бўлмаёқ садақа қилишга ошиқар эдилар. Ҳатто бир сафар масжидда жамоат намозини тугатишлари билан уйда уч динор пул борлиги эсларига тушиб қолди, у зот билан кўришиш умидида турган асҳобни ҳам ҳайрон қолдириб, бояги пулни тезроқ садақа қилиб юбориш учун уйларига шошдилар.

83. Биз ўша охират диёрини ер юзида зўравонликни ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун берамиз. Оқибат эса тақводорларникидир.
Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики,Биз охиратдиёрини,яъни охиратда мўминлар учун тайёрлаб қўйилган гўзал мақом ва масканларни Ер юзида Фиръавн ва Қорун каби зўравонлик қилмайдиган, бузғунчиликни истамайдиганларгагина берамиз. Биз уларни ҳоксорларча Парвардигорига итоатда бўладиган, жамиятда баланд обрў ва шон-шуҳратга эришишни истамайдиган, Ер юзида ҳукмронлик қилишга интилмайдиган, одамлар орасида фитна-фасод уруғларини сочмайдиган имонли инсонларга тайёрлаб қўйганмиз. Оқибат Аллоҳдан қўрқадиган, ҳар ишда Унга юкунадиган, тили ва дилида ҳамиша Аллоҳнинг зикри такрорланиб турувчи тақволи бандаларникидир. “Оқибат” деганда, яхшими ёки ёмонми, ҳамма нарсанинг охири, якуни тушунилади. Ояти каримада эса, яхши оқибат назарда тутилган. У нафақат охиратдаги саодат, балки дунёдаги зафар ва нусратни ҳам ифода этади. Баъзи муфассирлар ояти каримадаги “оқибат” сўзидан жаннат назарда тутилган, яъни жаннат тақводорларникидир, дейишган. Тақво эса, банданинг ўзи билан Аллоҳнинг ғазаби ўртасига тўсиқ қўйишидир. Тақво гуноҳ қилишдан қўрқиш, Қуръонга амал қилиш, оз ризққа қаноат қилиш, охиратга тайёргарлик кўришдир. Тақво Аллоҳга итоат қилиб, осий бўлмаслик, Уни зикр қилиб, унутмаслик, Унга шукр қилиб, куфр келтирмасликдир.
Ояти каримада назарда тутилган тақводорлар эса, мағлубият, мусибат ва заифлик сабабли ноумид бўлмайдиган, ерда фасод ва зулм қилмайдиган, Аллоҳга итоат қилишни асло унутмайдиган бандалардир. Инсоният тарихига назар ташлайдиган бўлсак, тўғри йўлдаги тақволи инсонларга қанчалар қийин бўлганини, аммо нечоғли мусибат, бало-офат етмасин, барибир охирида оқибат уларники бўлганини кўрамиз. Аллоҳнинг пайғамбарлари, содиқ бандалари кўп синовга учрашган, турли бало-офатларга дучор бўлишган. Лекин гўзал сабрлари ва Аллоҳдан ноумид бўлмаганлари учун оқи-бат уларники бўлган. Шунинг учун биз, мусулмонлар бирон ишнинг охири, оқибатини ўйламай, унинг кўриниб турган зоҳиридан хулоса чиқаришга шошмаслигимиз лозим. Одатда одамлар ишларнинг оқибатини вақт ўтгачгина биладилар. Қоруннинг қавми ҳам унинг кечаги мақомини орзу қилган эди, аммо у ҳалок бўлгач, ўзлари орзу қилишганига пушаймон бўлишди.

84. Ким бир яхшилик билан келса, унга бундан кўра яхшироғи бор. Ким бир ёмонлик билан келса, ёмонлик қилганлар фақат қилмишларига яраша жазоланишади.
Ким охиратда Парвардигорининг хузурига бир яхшилик билан келса, бунинг савоби, мукофоти кўпайтириб берилади. Ким бир ёмонлик билан келса,унингжазоси кўпайтирилмай, ўз мислича берилади, яъни яхшиликнинг савоби кўпайтириб берилади, ёмонлик эса ўз ҳолича жазога тортилади, кўпайтирилмайди. Ушбу оятдаги “яхшилик”дан мурод, Аллоҳга имон келтириш ва яхши амалларни қилишдир, “ёмонлик” деганда Аллоҳга имон келтирмаслик, Унга итоатсизлик қилиш ва зулм-бузғунчиликлар қилиш тушунилади. Абу Саъид Худрий розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам шундай деганлар: «Банда Исломга кирса ва Исломи гўзал бўлса, Аллоҳ унга ҳар бир касб қилган яхшилигини ёзади ҳамда ҳар бир касб қилган ёмонлигини ўчиради. Ундан кейин қилганига яраша бўлади. Бир яхшиликўн мисличадан то етти юз мартагача кўпайтирилади. Ёмонлик эса, Аллоҳ азза ва жалла ўтиб юбормаса, ўз мислича бўлади» (Насоий ривояти).
Қуйида келадиган ояти карималар кофир ва мушрикларнинг зул-ми ҳаддан ошганда Набий соллаллоху алайҳи васаллам севган юртлари - Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида, Маккадан чиқаверишдаги Жуҳфа деган жойга етганларида нозил бўлган.

85. (Эй Муҳаммад), сизга Қуръонни фарз қилган Зот сизни қайтиш жойига албатта қайтарувчидир. Сиз: «Парвардигорим ҳидоятдагини ҳам ва аниқ залолатдагини ҳам яхши билувчидир», денг.
Яъни, эй Пайғамбарим, юртингиздан чиқиб кетишга мажбур бўлаётганингиздан хафа бўлиб, ўкинманг. Сизга Қуръон тиловати ва унга амал қилишни фарз қилган Зот бўлмиш Аллоҳ сизни қайтар жойингизга - Маккага яна қайтарувчидир. Мусо алайҳиссалом ҳам ўз юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлганини эсланг. У ҳам бир куни яна ўз юртига қайтиб борганини, золимлар устидан зафар қозонганини ҳам эсга олинг. Парвардигорингиз ҳидоятга юз бурганларни ҳам, очиқ-ойдин адашувда юрувчиларни ҳам жуда яхши билувчи Зотдир. Пайғамбар алайҳиссаломни мушриклар она шаҳарларидан ҳайдаб чиқарганидан сўнг кўп ўтмай, ҳижрий 8 йилнинг 10-рамазон куни (милодий 630 йил 10 январ)да музаффар Ислом қўшинлари Маккага қайтиб келиб, уни фатҳ этишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минг кишилик муаззам бир қўшин билан Макка сари юриш қилдилар. Йўл-йўлакай кўпайиб борган қўшин ўн кундан сўнг жумада Маккага кириб борди. Пайғамбар алайҳиссалом туя устида Каъбани тавоф қилдилар, Каъба ичидаги 360 та бут синдирилди, Каъба устида Билол Ҳабашийнинг азони янгради. Макка фатҳи тавҳид эътиқоди ғалабаси, куфр мағлубига сабабчи Буюк Ислом инқилоби бўлиб тарихга кирди. Милодий 622 йили икки туя, тўрт кишилик гуруҳ билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орадан саккиз йил ўтиб ўн икки минг кишилик қўшин билан ўз она шаҳарларини мушриклардан халос этдилар.
Ояти каримадаги “қайтиш жойи” деб таржима қилинган “маод”нинг маъноси ҳақида муфассирлар турли мулоҳазаларни баён этишган. Баъзилари бундан мурод “улуш” дейишса, бошқалари “охират”, бирлари “жаннат” дейишса, айримлари “Шом ерлари” деган фикрни келтиришган. Ҳофиз Ибн Касир тафсирида бу сўзлар чуқур ва латиф тадқиқ қилиниб, “маод”дан мурод, бу ерда Маккаи мукаррамадир, унинг фатҳига ишорадир, ажалдан сўнг ҳашр, қайта тирилишдир, ҳашрдан сўнг охиратдир, охиратнинг охирги манзили эса жаннатдир, дебдилар.

86. Ўзингизга Китоб туширилишидан умидвор ҳам эмас эдингиз. Бу фақат Парвардигорингизнинг марҳамати бўлди. Энди кофирларга асло ёрдамчи бўлманг.
Ушбу ояти каримада ҳам АллоҳтаолонингЎз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга қарата қилаётган хитоби давом эттирилмоқда: атрофингиздаги мушриклар сизга нозил қилинган Қуръонни инкор қилиб, бу хусусда сизни айблашяптими? Ахир, ўзингизга илоҳий Китоб нозил қилинишини ўйлаб ҳам кўрмаган эдингиз, уни қўлга киритишга уринмаган ҳам эдингиз-ку! Аллоҳтаоло сизни бутун оламларга раҳмат Пайғамбари қилиб юборганидан кўп ўтмай сизга яна бир раҳматини муносиб кўрди: сизга қиёматгача боқий қолажак, амалда бўлажак ваҳий китобини нозил қилди. Аммо шуни билингки, бу иш сизнинг истагингиз билан эмас, балки буюк Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига мувофиқ равишда амалга оширилди. Мана шу илоҳий ироданинг моҳиятини ангалй билмаган мушриклар жоҳилликларига бориб Каломуллоҳга ва сизга қарши чиқяптилар. Сиз бундан асло хафа бўлманг, ташвишга тушманг, мушрикларга ёрдам берувчи бўлманг. Ишларнинг оқибатини Парвардигорингизга ҳавола қилинг. Аллоҳ Ўзининг ваҳийларини инкор қилиб, ёлғонга чиқарувчи мушрикларга охиратда аламли азобларни тайёрлаб қўйган.

87. Сизга Аллоҳнинг оятлари нозил қилинганидан кейин улар зинҳор сизга тўсқинлик қилишмасин. Парвардигорингизга даъват қилинг, асло мушриклардан бўлманг.
Аллоҳ азза ва жалла яна Пайғамбарига буюряптики, мушриклар сизни Аллоҳнинг Китоби бўлган Қуръонга одамларни чақиришдан тўсишмасин, Аллоҳнинг амрларини бажаришингизда сизга ҳалақит беришмасин. Қуръони каримни инсониятга етказиш, ундаги амрларни бажаришга чорлаш, қайтариқлардан четланишга буюриш сизнинг пайғамбарлик вазифангиздир. Рисолатни етказишда мушриклардан келадиган озор ва тазйиқларга эътибор қилманг, Аллоҳга имон келтиришга, Унинг динини ёйишга фидойилик билан ҳаракат қилаверинг. Мушриклар мусулмонларни тўғри йўлдан чалғитиб, ўзларининг бузуқ эътиқодларига чақирмоқчи бўлишади. Сиз ҳам, сизга эргашган мусулмонлар ҳам мушрикларнинг сўзига кириб, уларнинг малайларига айланиб қолманглар. Чунки Аллоҳ таолога ширк келтириш, яъни Унга бирор махлуқни шерик қилиш, Аллоҳдан бошқа бут-санамларга, тош, дарахт, ой-қуёш кабиларга сиғиниш энг улкан гуноҳлардандир. Аллоҳ таоло қанча кўп гуноҳ бўлса ҳам мағфират этиши мумкин, аммо ширкни асло кечирмайди. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар ширкдан жуда эҳтиёт бўлишлари, унга олиб борадиган йўллардан, унинг барча турлари ва даражаларидан ўзларини сақлаб юришлари керак бўлади. Аллоҳдан бошқага сиғиниш, ибодат қилиш, Ундан бошқага атаб жонлиқ сўйиш, Ундан ўзгалардан қўрқиш ва ҳожатларини сўраш, яхшилик ва ёмонликни Аллоҳдан бошқадан кўриш кабиларнинг бари ширк хисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо, 48); «Уларнинг аксарияти Аллоҳга фақат мушрик ҳолларидагина «имон» келтирадилар» (Юсуф, 106). Аллоҳга ширк келтирмасликнинг яна бир йўли маъбудларни инкор қилиш,уларга сиғинган,уларни дўсттутганлардан узоқлашишдир. Маъбуд туғён калимасидан туғилади ва ҳаддан ошишни англатади. Бу ҳақда уламоларнинг фикри турлича: Умар розияллоҳу анҳу «Маъбуд шайтондир»; Жобир розияллоҳу анҳу эса «Шайтон қилиғидаги коҳинлардир», деганлар. Яна бир олим «Маъбуд қулнинг ҳаддидан ошиб, тобеъ бўладиган, итоат этадиган ҳар нарсасидир», деб ёзган. Маъбудни инкор этиш шунчалик аҳамиятлики, бу нарса Қуръони каримда Аллоҳга имон келтиришдан олдин зикр этилган.

88. Аллоҳ билан бирга бошқа “илоҳ”га илтижо қилманг. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ундан бошқа ҳар бир нарса йўқ бўлувчидир. Хукм Уникидир ва Унгагина қайтариласиз.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбар, Аллоҳ билан бирга қўшиб бирор “илоҳ”га сиғинманг, илтижо қилманг. Аллоҳдан ўзга ибодат ва итоатга сазовор ҳеч бир илоҳ йўқдир. Ундан бошқа ҳамма нарса фанодир, йўқ бўлувчидир. Дунёда ҳам, охиратда ҳам фақат Унинг ҳукми жорий бўлади, фақат У Зотгина ҳукм юритади ва ҳамма инсонлар қиёмат куни фақат Унга қайтарилади.
Барча пайғамбарлар каби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматни тавҳидга, фақат Аллоҳга қуллик-бандалик қилишга чақирганлар. Аллоҳ таолонинг Ўзи тавҳиднинг жаннатга элтувчи йўл экани, Ўзига ҳеч нарсани шерик қилмаган мўминларнинг дўзах оташидан нажот топишлари, аксинча ким Аллоҳга ширк келтирса, борар жойи дўзах бўлиши башоратини берган. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида ҳам Аллоҳнинг тавҳиди жаннат калити экани айтилади. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини билган ҳолида вафот этса, жаннатга киради», деганлар» (Муслим ривояти). Шунинг учун ҳар бир мусулмон ёлғиз Аллоҳга ихлос билан ибодат қилиши, Унгагина сиғиниши лозим. Бу, бутун таъзимни, севгини, тавозеъни ва улуҳиётни Аллоҳга йўналтиришдир. Бунинг учун инсон Аллоҳдан бошқа бирон нарсани ўз Парвардигори ўрнида тан олмаслиги; Аллоҳдан ўзгани Аллоҳни севганчалик севмаслиги ва дўст тутмаслиги; Аллоҳдан бошқани ҳакам сифатида қабул қилмаслиги; ҳар бир ишда, ҳар бир ҳолатда Аллоҳга таваккул қилиши керак бўлади. Қуръони каримда бундай дейилган: «Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат ҳилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик ҳилмайлик ва Аллоҳни кўйиб бир-бирларимизни илоҳ ҳилиб олмайлик» (Оли Имрон, 64).

Орқага Олдинга