loader

029. Анкабут сураси

Маккада нозил бўлган, 69 оятдан иборат

Арабча “анкабут” сўзи луғатда «ўргимчак» деган маънони билдиради. Қуръони каримнинг шу номдаги йигирма тўққизинчи сураси Маккада нозил бўлган, 69 оятдан иборат. Сурада мўминлар турли имтиҳонларга рўпара бўлишлари, махлуқларнинг фитналарига алданиб, имон-эътиқодидан кечган кимсалар албатта Яратганнинг азобига гирифтор бўлишлари, Аллоҳ таолонинг Қуръони каримни бандаларига етказиш учун ўқиш-ёзишни билмайдиган Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбарликка танлагани ҳикмати ҳақида сўз боради. Ўзлари ясаган бутларга сиғиниб, улардан нажот кутган мушриклар худди ўзи тўқиган тўридан паноҳ истайдиган ўргимчакка ўхшашлиги ҳақидаги оят ўрин олгани учун бу сура «Анкабут» (ўргимчак) сураси деб номланган.
Бошқа маккий суралар каби, ушбу сурада ҳам имон, ақида, мўмин билан кофир, ширк билан куфр орасидаги фарқ каби мавзулар муолажа қилинади. Имон келтирган одамлар синовга дучор қилинмасдан қолмасликлари суранинг бошидаёқ очиқ-ойдин таъкидлаб айтилади. Кейин эса имон фақат оғиз билан айтиладиган гап эмаслиги, ким имон калимасини келтириб, кейин бошига синов тушганида ортга чекинса, катта хато қилиши ҳақида сўз боради. Улар Исломдан қайтиб, муртад бўлиб, бу дунёнинг арзимаган қийинчилигидан қутулганлари билан, охиратда чексиз азоблар гирдобида қолишлари таъкидланади. Шу билан бирга, дин йўлида қийинчилик, азоб-уқубатга дучор бўлиш янгилик эмаслиги, балки аввал ўтган барча пайғамбарлар ва уларга эргашган мўминлар ҳам синовга дучор бўлганлари эслатилиб, Нуҳ, Иброҳим, Лут, Шуъайб алайҳи-муссаломнинг қиссалари келтирилади. Сўнгра қадимда туғёнга кетиб, ўзбошимчалик қилган Од ва Самуд қавмлари, Қорун ва Ҳомон каби кимсаларнинг ҳоли нима бўлгани эслатилади.
Сурада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари ҳақ экани таъкидланади. Яъни у зот пайғамбарлар силсиласидаги охирги халқа экани, ҳеч бир янги даъво билан чиқмаганлари, балки Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбарларнинг бири эканлари турли далиллар билан баён қилинади. Бу билан ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашса, аввалги пайғамбарларга эргашган умматларга ўхшаб, нажот топишига, ким у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга душманлик қилса, эргашмаса, аввалги кофирларга ўхшаб ҳалокатга учрашига ишора ҳам этилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Алиф лаам миим.
Ушбу алоҳида ҳарфлардан иборат оятларнинг маъноси ҳақида муфассирлар турлича фикрларни айтишган, аммо уларнинг асл маъносини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

2. Одамлар «Имон келтирдик» дейишлари билангина, синалмай қолдирилишларини ўйлашдими?
Яъни, одамлар имонни «оғизда шунчаки айтиб қўйиладиган қуруқ гап» деб ўйлашадими? Улар «имон келтирдик, деб қўйсак, иш битди, мўмин бўлдик, унинг савоби бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам ўз-ўзидан келаверади”, деган хаёлга боришадими? «Имон келтирдик» дегандан кейин мўминларга ҳеч қандай имтиҳон-синов бўлмайди, деб фикрлашадими? Асло бундай эмас. Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам кўплар имон ҳақида худди шундай нотўғри тасаввурда бўлишган. Уларнинг фикрича, «Аллоҳга имон келтирдим» деганидан кейин ҳамма нарса ўз-ўзидан ҳал бўлавериши керак. Аслида Аллоҳ таоло ҳамма нарсанингяхшисини ёмонидан, ҳақиқийсини сохтасидан ажратиш учун бу дунёда синов-имтиҳон қоидасини жорий қилиб қўйган. Маъданларнинг асли ҳам ўтга солиниб, тобланганида намоён бўлади. Йўқса, ҳаммаси ҳам сиртидан маъдан бўлиб кўриниб тураверади, оловга тушганида, синалганда эса ҳақиқийси бошқаларидан ажраб чиқади. Имон калимасини оғизда айтиш осон, аммо тил билан айтилган бу калима чин дилдан чиққанми ёки йўқми, имон иқрор ва амал билан мустаҳкамланганми-йўқми, ана шуни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак.
Ислом даъвати ва мусулмонлар учун энг таҳликали кунларда нозил бўлган Анкабут каби суралар мўминларга ҳаёт дастури, имонга даъват бўлиши билан бир қаторда қалблар учун тасалли вазифасини ҳам ўтаган. Ўша пайтларда кофир ва мушрикларнинг мусулмонларга қарши зулм ва зўравонликлари беҳад кучайган эди. Улар мусулмонларни ҳар томонлама хўрлашар, бошларига инсон зоти тоқат қила олмайдиган азоб-қийноқларни солишар эди. Айниқса, ҳимоясиз, ночор, фақир мусулмонларни шафқатсизлик билан қийноқларга солишар, ҳушларидан кетгунларича калтаклашар, баъзан шунчаки ўлдириб қўяқолишар эди. Мушрикларнинг бу қилмишлари сийрат ва тарих китобларида батафсил келтирилган. Ана шундай пайтларда таъқиб ва қийноқлар жонидан ўтиб кетган мусулмонлар чора-илож ахтариб, Пайғамбарлари ва устозлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишар эди. Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анхунинг шундай дегани ривоят қилинади: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борсам, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба соясида, ридолари устида ёнбошлаб ўтирган эканлар. Ўша пайтда мушриклардан кўп шиддатли (азоблар) тортган эдим. Мен: «Аллоҳга бир дуо қилсангиз-чи?!» дедим. Шунда у киши туриб ўтирдилар. Юзлари қизариб кетган эди. Сўнгра: «Сиздан олдин ўтганларнинг гўштлари ва пайлари темир тароқ билан суягидан ажратиб олинса ҳам, бу иш уларни ўз динидан қайтара олмас эди. Бошининг ўртасига, фарқ очадиган жойига арра қўйиб арралаб, иккига бўлиб юборилса ҳам, ўз динидан қайтишмас эди. Аллоҳ бу ишни албатта охирига етказажак. Уловли киши Санъодан Ҳазарамавтгача Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмай борадиган кунлар ҳам келажак. Лекин сизлар шошилмоқдасизлар, холос», дедилар» (Бухорий ривояти).
Жаъбий айтади: “Бу оят Маккада Исломга кирган инсонлар ҳақида нозил бўлган. Мадинадаги мусулмонлар уларга: “То ҳижрат қилмагунингизча сизларнинг Исломингиз қабул қилинмайди” деб хат ёзиб юборишади. Буни ўқиб, улар Мадинага қараб йўлга чиқишади. Макка мушриклари уларни қувиб етиб, азият етказишади. Шунда улар ҳақида ушбу оят нозил бўлди. Мадина мусулмонлари яна уларга хат ёзиб юборишди. Буни ўқиб улар: “Яна ҳижрат қилиб чиқамиз, бирор киши ортимиздан борса, у билан жанг қиламиз”, дейишдида, яна йўлга чиқишди. Улардан айримлари ўлдирилди, баъзилари қутулиб қолди. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида: “Кейин Парвардигорингиз фитналанганларидан сўнг ҳижрат қилган ки-шиларга...” оятини нозил қилди.
Муқотил айтади: “Бу оят Умар ибн Хаттобнинг озод қилган қули Маҳжаъ ҳақида нозил бўлган. У Бадр куни ўлдирилган энг биринчи мусулмон эди. Амр ибн Ҳазромий камон билан отиб, уни ўлдирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маҳжаъ шаҳидларининг саййидидир. У бу умматдан жаннат дарвозасига энг биринчи чақириладиган кишидир”, дедилар. У ўлдирилганда ота-онаси ва аёли қаттиқ қайғуришди. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида ушбу оятни нозил қилиб, Аллоҳ йўлида машаққат ва балолар бўлиши ҳақида хабар берди”.

3. Биз улардан олдингиларни ҳам синовдан ўтказганмиз. Аллоҳ содиқларни ҳам, ёлгончиларни ҳам аниқ билади.
Яъни, ўтган пайғамбарларнингумматлари бошига уруш-офатлар ёки тинчлик-хотиржамлик, неъматларга ғарқ бўлиш ёки йўқчилик, тўкинчилик ёки очарчилик, хорлик ёки азиз бўлиш каби қаттиқ синовлар келган. Аллоҳ таоло имон йўлида оғир имтиҳон-синовларга дучор бўлаётган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан олдинги мўминларнинг ҳам бошларига ана шундай синовларни солган эди. Бундан кўзланган мақсад, мазкур синов-имтиҳонлар орқали имонида содиқ турганларни аниқлаб, юзага чиқариш, мўминлик даъвосида юрган ёлғончиларни ҳам танитиб қўйиш эди. Агар шундай имтиҳон-синовлар бўлмаса, ҳамма ташидан имон даъвосини қилиб, ўзини мўмин ва тақволи кўрсатиб юраверади, сўзининг рост-ёлғонлиги, қалбида нима борлиги ҳеч кимга аён бўлмайди. Аллоҳ таоло бандаларининг сир-асрорларидан хабардор Зот бўлгани учун уларни билишга муҳтож эмас, фақат синов орқали бу сир-асрорларни юзага чиқариб, бандаларнинг ҳам бундан хабардор бўлишини ирода қилган.
Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларининг имонда нақадар собит, мустаҳкам бўлганлари ҳақида машҳур бир ривоят бор: ҳижрий ўн тўққизинчи йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Румга қарши қўшин юборди. Унинг сафида Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Рум қайсари мусулмон лашкарининг жасурлиги ва шавкати, аскарларнинг имони ва ақидаси кучли экани ҳақида кўп эшитганди. Бу гапларнинг нечоғли чин-ёлғон эканини текшириш учун у жангчиларига “мусулмонлардан асир тушса ўлдирмай тириклай келтиринглар”, деб буюрган эди. Иттифоқо, Абдуллоҳ Рум аскарларига асир тушиб қолади. Уни подшоҳ ҳузурига келтиришади. Шунда тарих китобларида кўп марта зикр этилган ажойиб бир воқеа содир бўлади. Рум қайсари Абдуллоҳга узоқ тикилиб тургач: “Агар насроний динига кирсанг, сени озод қилиб, кўп иззат-икромлар кўрсатаман”, деди. Абдуллоҳ бунга кўнмади. Ҳукмдор уни синашда давом этди: “Агар таклифимга кўнсанг, салтанатимнинг ярмини бераман”. Абдуллоҳ бунга ҳам рози бўлмади. “Унда сени ўлдираман”, деб қўрқитди подшоҳ. “Хоҳишинг”, деди Абдуллоҳ. Бу билан ҳам мағрур асирни енга олмаган Рум қайсари энди бошқача йўл тутади: “Агар пешонамдан битта ўпиб қўйсанг, сени озод қилиб юбораман”. Шунда Абдуллоҳ: “Бошқа мусулмон асирларни ҳам озод қиласанми?” деб сўради. “Ҳа”, деди Рум қайсари. Абдуллоҳ қайсарга яқинлашиб, унинг пешонасидан ўпди. Рум подшоҳи сўзи устидан чиқиб, барча мусулмон асирларини тутқунликдан бўшатди. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа бўлиб ўтган воқеани Ҳазрати Умарга сўзлаб берганида, у зот ниҳоятда қувонди. Озод қилинган асирларни кўрганида эса: “Абдуллоҳ ибн Ҳузофанинг пешонасидан ўпиб қўйиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги вазифадир. Буни ўзим биринчи бўлиб бажараман”, деди ва ўрнидан туриб Абдуллоҳнинг пешонасидан аста ўпиб қўйди.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг қаттиқ синовга дучор бўладиганлари пайғамбарлардир. Сўнгра аҳли солиҳлардир. Сўнгра шунга ўхшаб кетаверади. Киши диндорлигининг миқдорига қараб синалади. Агар динида салобатли бўлса, унга синов ҳам зиёда қилинади», деганлар. Охир-оқибатда имтиҳон-синовлардан яхши ўтиб, имонини сақлаб қола олган бандалар нажот топадилар. Мўмин-мусулмонларга ёмонлик қилганлар эса икки дунёда хор-зорликда ўтиб кетадилар.

4. Ёки ёмонликлар қиладиганлар Биздан қочиб қутулишни ўйлашадими? Нақадар ёмон хукм чиқаришади-я!
Ояти каримадаги “ёмонлик қиладиганлар”дан мурод, Аллоҳга имон келтирмай, Унга итоатсизлик қилувчи кофир ва мушриклардир. Имон келтирмай, кофирлигича қолгани етмагандай, Аллонинг динига кирган мўминларни хорлаб, уларга турли мусибатлар етказаётганлар Аллохдинг азобидан қочиб, жонларини асраб қолишдан умид қилишармикин? Шунча ёмонликларни қилиб ҳам Парвардигорнинг ғазаби ва азобидан қочиб қутулишни ўйлаш энг катта гумроҳликдир. Ўзининг буюк адли ва раҳмати билан Ер юзида илоҳий низомини ўрнатган Аллоҳ таолонинг ҳукми илоҳиясидан ҳеч ким жонини асраб қола олмаган ва ололмайди ҳам. Бундай хомхаёлга борганлар ўзларига нисбатан энг ёмон хукмни чиқарган бўлишади, қаттиқ адашувда қолган ҳисобланишади. Ҳозиргача ҳеч бир зот ёки мавжудот Парвардигорининг жазосидан омонда қолмаган. У Ўзига итоат қилган, амрларини бажарган, қайтариқларидан четда бўлган имонли кишиларга жаннатни ва жамолини ваъда қилган. Охиратда улар албатта нажот топадилар. Ким Аллоҳга итоатсизлик қилиб, Унинг ваҳийларини инкор қилган, Парвардигорига осийлик кўрсатган бўлса, унинг жазоси-ни ҳам беради ва Унинг бу борадаги ваъдаси ҳам ҳақдир.

5. Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, Аллоҳнинг «муддат»и албатта келувчидир. У эшитувчидир, билувчидир.
Ким қайта тирилишга ишонса, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлса, Унинг азобидан қўрқса, имонида собитқадам бўлади. Шунинг учун ҳам бундай инсонлар солиҳ амалларни кўпайтиришсин, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоатнинг олий намуналарини кўрсатишсин. Шунда улар Аллоҳ ваъда қилган Кун, яъни қиёматнинг, У белгилаб қўйган “муддат”, яъни охиратнинг албатта келишидан ғафлатда қолишмайди. Аллоҳ ҳамма нарсани эшитувчи, ҳамма нарсани билувчидир. У бандаларининг сўзларини ҳам эшитади, ҳар бир ҳатти-ҳаракатларини билиб туради ва уларнинг ҳар бирига қилмишларига яраша мукофот ёки жазосини беради.

6. Ким жидду жаҳд қилса, албатта ўз фойдаси учун ҳаракат қилади. Аллоҳ оламлардан беҳожатдир.
Олдинги сураларда ҳам айтиб ўтилганидек, ушбу оятда келган «жаҳада» сўзи бир нарсага эришиш учун бор имконни ишга солиб, тиришиш, жидду жаҳд қилиш маъносини ифодалайди. Демак, имон йўлида ким жидду жаҳд қилса, яъни бор имкониятини, куч-қувватини ишга солиб тиришса, ўзи учун тиришган бўлади. Чунки Аллоҳ учун бундан ҳеч бир манфаат йўқ. Чунки Аллоҳ ҳамма нарсадан, хусусан бандаларининг ибодатларидан, ҳатти-ҳаракатларидан беҳожат Зотдир, шу каби бандаларнинг имон йўлида қиладиган жидду жаҳдларидан ҳам беҳожатдир. Уларнинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари фақат ўзлари учундир, ўзларига фойдалидир, қиёмат куни нажот топишлари учун воситадир. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиси яхши?» деди. У зот: «Жони ва моли билан жидду жаҳд қилган киши, яна бирор дарада Роббига ибодат қиладиган, ўз ёмонлигидан одамларни тинч қўядиган киши», дедилар».
Сўнгги икки ояти карима инсониятга Ислом динининг энг юксак ғояси ва энг юксак вазифасини танитмоқда. Энг юксак гоя Аллоҳга рўбарў бўлиш, энг юксак вазифа эса Аллоҳ белгилаган ажал вақти келгунича Ислом йўлида ҳаракат қилишдир.

7. Имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларнинг ёмонликларини улардан албатта ўчирамиз ва қилган амалларининг энг яхшиси билан уларни мукофотлаймиз.
Яъни, мусулмонликнинг икки тиргаги имонга келиш ва солиҳ амаллар қилишдир. Ҳақиқатан инсонда имон бўлсагина у эзгу ва яхши амаллар қилишга киришади. Аллоҳ нозил қилган кўрсатмаларни фақатгина мўмин киши маҳкам ушлайди. Мўмин кишигина Аллоҳни Робб, Исломни дин, Қуръонни раҳнамо, Муҳаммад алайҳиссаломни эса ҳақ Пайғамбар деб имон келтиради. Мўмин айни чоқда буюрувчи Аллоҳга ҳам, буюрилган ишга ҳам қатъиян ишонади. Натижада у амр қилинган ишга ихлос ва самимият, бор вужуди билан киришади. Чунки унинг ақидасида Аллоҳ албатта бекорга бирор-бир нарсани қилишга буюриб, бошқасидан қайтармайди, деган ишонч бўлади. Банда Аллоҳ буюрган нарсага жиддий киришса, Аллоҳ ҳам унга Ўз ёрдамини кўрсатади. Балки ҳар қандай қийинчиликдан нажот бериб, ҳар қандай тангликдан кенгликка чиқаради. Бу ишларда “дунё ва охират иши” деган чегара йўқ. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар охиратдаги оқибатларидан хавотир олмай, кўнгиллари тўқ бўлиб, имонларида собит туришаверсин. Улар имонларининг қатъийлиги, имон йўлидаги синовларга бардош берганлари, дунё ҳаётида яхши, солиҳ амаллар қилганлари учун охиратда албатта икки тарафлама юқори даражаларга эришадилар. Бир томондан, имонлари ва солиҳ амаллари эвазига қилган гуноҳлари албатта ўчирилади, иккинчи томондан қилган амалларининг энг яхшиси билан ўзлари ҳам мукофотланадилар.

8. Ва инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Агар улар сен билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга мажбурлашса, бунда уларга итоат этма! Қайтишларингиз Менгадир, шунда сизларга қилган амалларингизнинг хабарини берурман.
Аллоҳтаоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида бандаларини ота-оналарига яхшилик қилишга, уларни эъзозлашга ва розиликларини топишга буюрган. Ушбу ояти каримада ҳам Аллоъ таоло «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик» деяпти. Демак, ҳар бир инсон ким бўлишидан, ҳаётдаги мавқеъ-мартабасидан қатъи назар, ота-онасига яхшилик қилишга мажбур. Айниқса оталарнинг кўнглини топиш, ҳамиша хизматида шай бўлиш, ҳадялар бериб хурсанд қилиш, ҳар жабҳада ота-онанинг розилигини топиш фарзанднинг асосий бурчларидан биридир. Дарҳақиқат, отамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда ўзининг саъйи-ҳаракатлари, ибрати, рўзғор юритиши билан фаол иштирок этади. Бизнинг камолга эришувимиздаги онанинг беқиёс хизматларини таърифлашга эса тил ожиз, қалам ноқис, сўз танқис. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир” деганлар ва умматларидан бу дунёда жаннат излаганларни онани рози қилишга, унинг дуосини олишга тарғиб қилганлар. Динимиз ота-она ким бўлишидан, қандай эътиқоддалигидан қатъи назар, уларни хурмат-эҳтиром қилишга буюради. Дунёдаги ҳеч бир таълимот ёки тузум Исломчалик ота-она ҳурматини баланд даражага кўтармаган. Ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам уларга яхшилик ва эҳсон қилиш мўминларнинг бурчидир. Уларнинг амр ва истакларини бажариш мусулмон фарзанднинг энг муҳим вазифаларидан саналади.

9. Имон келтириб, яхши амалларни қилганларни солиҳларга қўшиб қўямиз.
Дарҳақиқат, имон масаласи ҳар қандай инсоний муносабатлардан, шу жумладан қариндошлик алоқаларидан ҳам устун ва афзал туради. Шунинг учун Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, ким имон келтирганидан сўнг яхши амалларни қилишга ўтса, ўша одамни солиҳ инсонларга қўшиб қўямиз. Динимизда ибодат ва солиҳ амалларнинг қабул бўлиши учун имон шарт ҳисобланади. “Солиҳ” сўзи луғатда «тўғри, виждонли» деган маънони билдиради. Истилоҳда эса сўзида, ишида ва умуман барча ҳатти-ҳаракатларида тўғриликни, ростгўйликни, покликни ўзига дастур қилиб олган киши «солиҳ» дейилади. Солиҳлик мусулмонларнинг энг яхши фазилатла-ридандир.

10. Одамлар орасида «Аллоҳга имон келтирдик» дейдиган, сўнгра Аллоҳ йўлида озорланса, одамларнинг фитналарини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар Парвардигорингиздан мадад келса, улар: «Албатта биз сизлар билан бирга эдик», дейишади. Аллоҳ оламларнинг дилларидаги нарсаларни яхши билувчи эмасми?!
Ҳақиқий мўминлар ва солиҳ амал қилувчилардан фарқли ўлароқ, айрим кимсалар ҳам борки, улар тилларида Аллоҳга имон келтирганларини айтиб туришса ҳам, аммо бошқалар томонидан салгина озорланиб қолишса, одамларнинг фитналарини Аллоҳнинг азоби сифатида қабул қилишади. Бордию Парвардигор томонидан мўминларга ёрдам келиб қолса, дарров уларнинг ёнига кириб олиб, “Биз албатта сизлар билан биргамиз”, дейишади. Аллоҳ бутун оламлардаги махлуқотининг дилидаги нарсаларгача билиб туришини наҳот улар англашмаса? Кўпчиликка қўшилиб, қизиқиб, осонлик, енгиллик пайтида Аллоҳга имон келтирадиган, буни бошқаларга пеш қилиб, кўкрагига урадиган, ўзини дин йўлида фидойи қилиб кўрсатадиганлар учраб туради. Бундай ишлар тарихда ҳамиша такрорланиб турган. Айниқса, “ёв қочганда ботир кўпаяди” дейилганидек, ўзининг имонли эканини пеш қилувчилар кўпинча мусулмонларнинг ҳолати яхши бўлиб, дин равнақ топган пайтларда кўпайиб кетади. Ушбу ояти каримада худди ана шундай кишилар ҳақида сўз кетмоқда. Ана шундай фитначиларнинг башарасини очиб, қилмишларини фош қилишни истаган мўмин фитнанинг асл моҳиятини ҳам англаб олиши лозим. Кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Шу маънода инсонга унинг аҳли-аёли, унга берилган мансаб, бойлик кабилар ҳам фитна бўлиши мумкин. Золим ва баттол кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун халқлар ўртасига фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишади. Жоҳил ва урушқоқ бузгунчилар инсоният тарихи давомида жуда кўп марта Парвардигорнинг амрларига қарши борган, турли фитналар чиқариб, минг-минглаб бегуноҳ кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлган. Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар Ислом биродарлигига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқ-фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқда. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб, ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам бу хатарли фитналар таҳликасидан омонда қолишаётгани йўқ. Юрт ҳурриятга эришганидан сўнг турли бузғунчи фирқа ва оқимларнинг мусулмонларимиз бирлиги ва эътиқоди мусаффолигига қарши қаратилган хуружи кучайиб кетди, турли террорчилик ва бузғунчилик ҳаракатлари ҳам содир этилди. Буларнинг бари мусулмонлардан ҳамиша ҳушёр бўлишни, дўст киму душман ким, яхшилаб фарқлаб олишни, фитналардан узоқ туришни талаб этади.
Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ибн Зубайр фитнаси пайтида икки киши Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг олдига келиб: “Одамлар нима ишлар қилишяпти, сиз бўлсангиз Пайғамбаримизнинг дўстлари бўлатуриб индамай ўтирибсиз, уларга қарши курашишингизга нима монеълик қилади?” дейишди. Ибн Умар: “Аллоҳ таолонинг ўз биродарларим қонини тўкишдан қайтаргани монеълик қилади”, дедилар. Боягилар: “Ахир, Аллоҳ таоло: “Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар” демаганмиди?!” дейишди. Ибн Умар: “Биз фитна қолмагунича ва Аллоҳ таоло дини қойим бўлгунича урушдик. Нима, энди сизлар яна фитна содир бўлиб, Аллоҳ таолонинг дини барбод бўлгунича уруш қилмоқчимисизлар?!” дедилар” (Бухорий ривояти).
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаблари ҳақида бир неча ривоятлар бор. Мужоҳид айтади: “Бу оят тиллари билангина имон келтирган кишилар ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ тарафидан уларга бирор бало, мусибат етса, фитналаниб-алданиб қолишарди”. Заҳҳокнинг айтишича, “Мазкур оят Маккадаги мунофиқ кимсалар ҳақида нозил бўлган. Улар аввалига имон келтиришарди ва шу сабабли уларга азият етса, яна ширкларига қайтишарди”. Икрима ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бу оят мушриклар азият бериб диндан чиқарган кимсалар ҳақида нозил бўлган. Улар (азиятлар сабабли) динларидан қайтишган эди. Улар ҳақида яна “ўз жонларига жабр крлган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар...” (Нисо, 97) ояти ҳам нозил бўлган.

11. Аллоҳ имон келтирганларни ҳам албатта билади, мунофиқларни ҳам албатта билади.
Қатоданинг айтишича, ушбу оят мушриклар томонидан Маккага қайтариб олиб кетилган мусулмонлар ҳақида нозил бўлган. Ояти каримадаги “яъламанна” жумласи луғатда “албатта билади” маъносини англатади. Аллоҳ таоло Ўзига чин ихлос билан имон келтирган содиқ мўминларни ҳам, тил учида имонини изҳор қилиб турса-да, аслида мусулмонлар орасига фитна-фасод ва бузғунчилик уруғларини сепадиган мунофиқ кимсаларнинг қилмишларини ҳам яхши билади. Буларни охиратда қилмишларига яраша мукофотлайди ёки жазолайди.

12. Кофир бўлганлар имон келтирганларга: «Бизнинг йўлимизга юринглар, гуноҳларингизни биз кўтарамиз», дейишади. Ҳолбуки, улар буларнинг гуноҳларидан бирор нарсани кўтарувчи эмаслар. Улар албатта ёлғончилардир.
Аллоҳ таоло томонидан инсонга ато этилган ақл ҳидоятга олиб борувчи воситалардан биридир. Инсон ақл воситасида эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва қабиҳлик, ҳақиқат ва ботил фарқларини ажратиб олади. Ҳур фикрли ва ташқи таъсирларга дучор бўлмаган ақл атроф-коинотга назар ташларкан, сўзсиз унинг хулосаси Аллоҳ маърифати билан ниҳояланади. Ваҳоланки, Аллоҳ коинотдаги собит ҳақиқатларга ақл кўзи билан қараб, ундан мантиқий ҳукм чиқармаган кимсаларни мазаммат қилади, яъни қоралайди. Аллоҳ бундай кимсаларни гоҳида ҳеч нарса тушунмайдиган гумроҳ, гоҳида ақлсиз ҳайвон, балки ундан ҳам адашганроқ, гоҳо эса илмга мурожаат қилмайдиган кўр, кар, гунг-соқов деб атайди. Зеро, ақлсиз кишилар учун шаръий таклифлар ҳам собит бўлмайди. Бундай жоҳил кимсалар кофирларнинг найрангларини пайқай олмайдилар, уларнинг алдовига осонгина учадилар, “Бизнинг йўлимизга юрсанглар, қанча гунохларинг бўлса ҳам кўтарамиз” деган сафсаталарига учиб, имонлари, эътиқодларини хавфда қолдирадилар. Кофирлар доимо иғволари билан мўминларни тўғри йўлдан уриб, ўз йўлларига солиш, эътиқодларидан чалғитиш пайида бўлишади. Бошда мўминлар уларнинг тутган иши хато эканини, бу эса гуноҳ бўлишини айтиб, уларга эргашишдан бош тортишади. Ана шунда кофирлар иғволарини янада кучайтириб, алдовларини авжга чиқариб, яна ҳам қаттиқроқ ташвиқот қилишга ўтишади. Улар мўминларга: «Сизлар йўлимизга эргашаверинглар, агар шу йўл хато бўлиб, унга гуноҳ бериладиган бўлса, ўша хато ва гуноҳни сизлар эмас, биз кўтарамиз», деб лақиллатишга ўтишади. Бунга ўхшаш гапни аввалги кофирлар ҳам айтган, ҳозиргилари ҳам такрорлашдан эринмайди. Ваҳоланки, улар мўминларнинг ҳамма хатолари тугул, лоақал бирортасини ҳам кўтаришга қодир эмаслар. Улар бировнинг хатосини кўтариш ўрнига ўз хатоларининг ҳисобини қилишсин. Улар ёлғончи бўлгани учун мўминларни йўлдан уриш, улар орасига фитна солиш, ҳақ йўлдан ботил сари буриб юбориш учун ёлғон, фитна ва макрнинг ҳар қандай туридан ҳам ҳазар қилишмайди.

13. Улар ўз юкларини ҳам, у юклар билан бирга бошқа юкларни ҳам кўтаришади. Қиёмат куни ўзлари тўқиб олганлари ҳақида албатта сўралишади.
Ушбу оятдаги «юк» сўзи гуноҳни англатади. Одатда ўз юкини машаққат билан кўтариб кетаётган бир кишига бошқа бир одам ўз юкини юклаб, кўтартириб юборса, юкли одам қандай аҳволга тушиб қолишини кўз олдингизга келтириб кўринг. Ўзиники ва бошқанинг юки бирданига елкасига ортилган киши уларнинг оғирлигидан эзилиб-қийналиб кетади. Худди шу каби қиёматда кофирлар ўз гуноҳлари юкини аранг кўтариб туришганда уларнинг устига ўз иғволари, фитналари билан йўлдан урган одамларининг гуноҳлари ҳам ортиб қўйилади. Ўз гуноҳларининг жазосини олмай туриб, энди бошқаларнинг ҳам гуноҳини зиммага олишларига тўғри келади. Аммо бу нарса уларнинг иғвосига учганларнинг гуноҳини енгиллатмайди, улар ҳам қилмишларига яраша жазоларини тортадилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким адашувга даъват қилса, унга эргашганларнинг гуноҳи қадар гуноҳ заррача камаймаган ҳолда унга ҳам бўлади», деганлар. Бошқаларнинг гуноҳига шерик бўлганлари етмагандай энди қиёмат куни ўзлари тўқиб олган ширклари ҳақида ҳам албатта сўроққа тутиладилар. Ҳар ким экканини ўради, деганларидай, охиратда ҳар бир киши ўз қилмишлари учун албатта жавоб беради, имонли ҳолда солиҳ амал қилганлар жаннат билан мукофотланишса, ўзи гуноҳ қилган ва бошқаларни ҳам гуноҳга чорлаган кимсалар икки томонлама азобга қолишади.

14. Дарҳақиқат, Биз Нуҳни қавмига пайғамбар қилиб юбордик. Ўшанда у улар ичида эллик йили кам минг йил турди. Сўнгра уларни золим бўлган ҳолларида тўфон тутди.
Нуҳ алайҳиссалом қавмлари орасида қарийб минг йил яшадилар ва деярли шунча вақт мобайнида одамларни Аллоҳнинг ваҳдониятига, Унга ихлос билан ибодат қилишга чақирдилар. Айрим уламолар шундай дейишади: “Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни қирқ ёшида пайғамбар қилиб юборди. У киши қавмларини 950 йил имонга даъват қилди. Тўфондан кейин олтмиш йил яшади. Аллоҳ таолонинг Китобида шунчалик узун муддатнинг зикр қилинишидан мақсад, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериб, у зотнинг қалбларига ишонч бағишлаш эди. Аллоҳ таоло гўё Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга: “Биродарингиз Нуҳ ушбу узоқ муддат ичида қавми ичида яшаса ҳам, унга жуда озчилик имон келтирди” деб тасалли бергандек бўлди. Айтишларича, шунчалик узоқ вақт ичида Нуҳга имон келтирганлар сони йигирма нафарга яқин бўлиб, улар орасида аёллар ҳам бор эди.
Бир инсоннинг минг йилдан ортиқ ҳаёт кечиргани айримларга ғайритабиий туюлиши мумкин. Лекин бу нарса инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони каримда келган хабарни инкор қилган одам кофир бўлади. Айни чоғда, бу соғлом ақлга тўғри келадиган одатий бир ҳолдир. Қадимда кишиларнинг умри узоқ бўлгани ҳаммага маълум. Нуҳ алайҳиссаломнинг инсоният тўфон туфайли қирилиб кетган бир даврда яшаганликлари эътиборга олинса, бундай узоқ умр кўриш оддий бир ҳол экани билинади. Нуҳ алайҳиссалом даврларидаги синов-имтиҳон Аллоҳ йўлига ҳеч кимнинг кирмай, ваҳдониятдан юз ўгиришидир. Сиз эса, эй Аллоҳнинг ҳабиб Пайғамбари, сабр қилишда, қавмингизга рисолатни етказишда, ваҳийларимизни инкор қилувчилар баҳслашишда биродарингиз Нуҳга эргашинг, зеро, ҳар бир ҳолат ва маконда сабр қилиш лозим. Қавмнинг Нуҳ алайҳиссаломга имон келтирмаганини уламолар учта сабаб билан изоҳлашади: 1) Нуҳ алайҳиссаломнингўзлари каби бир инсон экани, уларнинг даъвосича, пайғамбар инсон зотидан бўлмас эмиш; 2) Нуҳ алайҳиссаломга эргашган одамларнинг асосан камбағаллар экани;
3) Нуҳ алайҳиссаломда ҳам, у кишига эргашганларда ҳам бошқалардан ажратиб турадиган алоҳида бир хусусиятнинг йўқлиги. Шунинг учун кофир кимсалар уларни ёлғончи, деб ўйлашди. Оқибатда Аллоҳ юборган тўфон балоси уларни битта кўймай, ҳалок қилди. Нуҳ алай-ҳиссалом ва у кишига имон келтирганларгина нажот топишди.

15. Сўнгра Биз унга ва кемадаги ҳамроҳларига нажот бердик ҳамда уни оламларга ибрат қилдик.
Аллоҳ таолога дуо-илтижо қилувчиларнинг энг яхшиси Нуҳ алай-ҳиссаломдир. У ҳаққа даъват этишда чиройли сабр қилди, кофир қавмнинг гуноҳ ва итоатсизлигидан хафа бўлиб, умидсизланмади. Парвардигорини унинг бу йўлдаги сабрини гўзал мукофотлади. Тўфон бошланганида Нуҳга ва унинг кемадаги ҳамроҳларига, яъни мўмин бандаларига нажот бериб, уларни офатдан қутқариб қолди. Нуҳ алайҳиссалом ва издошларининг қутулиб қолишларига восита бўлган нажот кемасини эса барча оламлар учун аломат-белги, ибрат қилди. Имон келтирганларнинг ҳамиша нажот топишларига ушбу воқеа далолат бўлиб қолди. Барча халқларда бало-офатлардан қутулиш тимсоли сифатида ўша Нуҳ кемаси зикр қилинадиган бўлди. Аллоҳ таоло Нуҳнинг кемасини Жазиранинг Карда деган жойидаги Жувдий тоғи тепасида одамларга ибрат қилиб қолдирди. Кема узоқ вақт ўша ерда қолди. Нуҳ алайҳиссалом умматининг аввалгилари уни бориб томоша қилганидан сўнг кема чириб, кул бўлди. Тафсир китобларида шундай баён қилинган.

16. Ва Иброҳимни ҳам. Ўшанда у ўз қавмига айтди: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан қўрқинглар. Агар билсангиз, мана шу сизлар учун яхшидир;
Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳ таолонинг улул-азм пайғамбарларидан Иброҳим алайҳиссалом қиссаларининг баёни бошланади. Аллоҳ таоло ушбу оятда Иброҳим алайҳиссаломни ҳам пайғамбар этиб юборганини айтиб, сўнгра у зот қавмларини қандай даъват этганларини қуйидагича васф қиляпти: «Ўшанда у ўз қавмига айтди: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан қўрқинглар. Агар билсангиз, бу ўзларингиз учун яхшидир». Яъни, Иброҳим алайҳиссалом қавмларига илоҳий даъватни соддагина қилиб ту-шунтирдилар: «Бошқаларга эмас, фақат Аллоҳга ибодат қилинг-лар, бошқалардан эмас, фақат Аллоҳдан қўрқинглар!». Аллоҳдан қўрқувнингўз тарозуси бор: унинг бир палласига Аллоҳдан қўрқув, иккинчи палласига эса махлуқдан қўрқув қўйилади. Бу тарозининг шайинлари жуда сезгир: паллалардан бири хиёл босса ҳам бу шайин илғайди. Аллоҳяратган махлуқлардан, жумладан инсонлар-дан қўрқиш қалбдан Аллоҳ қўрқувини кетказиб қўяди. Махлуқдан қўрқмаслик эса Аллоҳнинг Ўзидан қўрқишга олиб боради. Ҳаётдаги, табиатдаги, борлиқдаги ҳар хил қўрқувлардан бирданига қандай халос бўлишнинг энг тўғри ва мақбул йўл - Аллоҳнинг Ўзидан қўрқиш. Ундан кўра кўпроқ қўрқиладиган ҳеч нарса, ҳеч бир мавжудот йўқ. Агар кимдандир Аллоҳга қараганда кўпроқ қўрқсак, Унга ўша кимсани шерик қилган бўламиз. Бу «ширк» дейилади. Ширк эса энг оғир гуноҳ, иймоннинг заволи, эътиқоднинг кушандасидир. Бизни ҳар қандай жазодан қутқарувчи АллоҳнингЎзи! Ҳеч ким, ҳар қандай қудратли шахс Унинг ҳузуридаги ҳисоб ва жазодан қутқариб қола олмайди! Аллоҳдан қўрқиш - банда учун илоҳий неъмат, улуғ қаҳрамонлик! Унга сиғиниш ва итоатда бўлиш дунёнинг барча қўрқув ва гуноҳларидан бирданига халос бўлишдир! Ҳузури Олияда ўзни паст, ҳоксор тутиш - энг улуғ олийжанобликдир! Демак, қиладиган ҳар бир ишингиз Аллоҳнинг розилигини топиш учун бўлсин, ҳар лаҳзада Аллоҳга тақво қилиб, Ўндан қўрқиб туринг. Ана шунда олий мақсадга эришасиз. Аллоҳга ибодат ва тақво қилишингиз Аллоҳ учун эмас, пайғамбар учун ёки бошқа бировлар учун эмас, балки ўзингиз учун яхшидир.

17. сизлар Аллоҳни қўйиб, бутларга ибодат қиляпсизлар ва ёлғон тўқияпсизлар. Аниқки, Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётганларингиз сизларга ризқ беришга қодир эмас. Ризқни Аллоҳнинг даргоҳидан истанглар, Унгагина ибодат ва Унга шукр қилинглар. Унгагина қайтариласизлар;
Иброҳим алайҳиссалом ўз даъватларини аввало Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилиш ва Унинг жазоси-иқобидан қўрқишга чақириш билан бошладилар. Сўнг уларнинг қалбига ҳақиқат уруғларини сепиш мақсадида Аллоҳга ва пайғамбарига имон келтириш улар учун яхшилик бўлишини таъкидладилар. Сўнгра улар қилаётган ишларнинг ботил эканини айтиб, “Сизлар Аллоҳни қўйиб, фақат бутларга ибодат қиляпсизлар ва ёлғон тўқияпсизлар”, дедилар. «Бутлар» деб таржима қилинган сўз оятда «авсан» шаклида келган, бирлиги «васан» бўлиб, ёғочдан йўниб ишланган ҳайкалга айтилади. Иброҳим алайҳиссалом уларнинг ибодати ҳам, уйдирмаси ҳам асоссиз эканини баён этиш билан бирга,улар сиғинаётган нарсаларнинг ризқ беришга қодир эмаслигини ҳам эслатмоқдалар. Жонсиз нарса - ўзлари ёғочдан ўйиб ишлаган ҳайкал қандай қилиб уларга ризқ берсин?! Ўзига ибодат қилаётганларга ризқ бера олмайдиган бут-санам қанақасига худо бўла олади?! Ҳа, бандаларига ва барча махлуқотига кундалик ризқни фақат Аллоҳ таологина бера олади. Шунингучун ҳам бандаларининг ибодатига Унинг Ўзигина сазовордир. Шундай экан, сизлар ёлғиз Аллоҳ таолодангина ризқ сўранглар. Сизлар Унга ибодат ва тоатда бўлсангиз, Унинг Ўзи фазли-карамидан сизларга мўл-кўл ризқ ато этади. Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссалом қавмни Ҳақ динни ёлғонга чиқаришдан огоҳлантириб, ҳисоб, жазо, савоб ва қиёмат куни қайта тирилиб, Аллоҳга қайтарилишларини эслатиб ўтади.

18. агар сизлар ёлғончига чиқарсанглар, сиздан олдинги умматлар ҳам ёлғончига чиқаришган. Пайғамбар зиммасида аниқ етказиш бор, холос».
Яъни, Иброҳим алайҳиссалом қавмларига қарата айтяптиларки, «Эй одамлар, агар сизлар менга эргашсанглар, нажоттопасизлар, агар мен олиб келган нарсаларни ёлғонга чиқаргудай бўлсанглар, унда ўзингизга зиён қилган бўласизлар. Сизлар пайғамбарини ёлғончига чиқараётганларнинг биринчиси эмассизлар. Сизлардан олдинги қавмлар ҳам, жумладан Нуҳ, Од ва Самуд қавми ҳам пайғамбарларини ёлғончи қилишган эди. Оқибатда улар ҳасрат ва надоматга учраб, ер юзидан йўқ бўлиб кетишди. Ҳар бир пайғамбар зиммасида Аллоҳнинг рисолатини инсонларга етказиш бор, холос. Мен ҳам сизларга Парвардигоримнинг рисолатини етказдим, кўп панду насиҳатлар қилдим. Булар Парвардигорим топширган вазифаларим эди, лекин қиёмат кунида ҳисобни ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади».

19. Аллоҳ махлуқни аввал бошда қандай яратишини, сўнгра уни яна қайта яратишини кўришмадими? Бу Аллоҳучун осондир.
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло мушрикларга хитоб қилиб, қиёмат кунида қайта тирилтириш ҳақ эканини баён қилади. Мушрикларнинг ҳақиқатни инкор қилишлари ва очиқ-ойдин далилларни кўриб туриб ҳам имон келтирмаганларига жавобан Аллоҳнинг махлуқотларни олдин яратиши, сўнгра уни қиёматда қайта тирилтириши Ўзига жуда осонлиги, Унинг бу ишдан ожиз эмаслиги таъкид қилинади. Мушрик кимсалар атроф-офоқларида Аллоҳнинг ваҳдониятига далолат қилувчи кўплаб мўъжиза ва далилларга гувоҳ бўлишди. Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ таоло буюк яратувчидир, У қиёматда қабрдагиларни тирилтиришга ҳам қодирдир. У йўқдан бор қилади, энди қанақасига аввлда мавжуд бўлган нарсани яна қайтара олмасин?! Албатта, бу Аллоҳга осондир. Ояти каримадаги бу охирги жумла икки маънони англатади: биринчиси - йўқдан бор қилиб яратиш ва кейингиси эса қиёмат куни яна бир марта ҳаётга қайтаришдир.

20. (Эй Муҳаммад): «Ер юзида юриб, У махлуқотларни яратишни қандай бошлаганини кўринглар, сўнгра Аллоҳ иккинчисини пайдо қилади. Аниқки, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир», денг.
Яъни, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, сиздан илгари Иброҳим алайҳиссалом қавмига айтгани каби сиз ҳам қавмингизга шуларни айтинг: “Ер юзида кезиб, саёҳат қилинглар, махлуқотларнинг ҳолати, Аллоҳ уларни қандай яратгани ҳақида тафаккур қилинглар. Сўнгра уларга яна шундай денг: “Аллоҳ аввал махлуқотларни бир-биридан фарқлаб, сизлар кўриб турган чиройли ҳолатда, турли шакл ҳамда суратда яратиб қўйди. Кейин эса Аллоҳ таоло Ўз қудрати билан уларни яна ҳаётга қайтаради. Зеро, Парвардигорингиз Аллоҳ азза ва жалла ҳамма нарсага қодирдир”.

21. (Аллоҳ) хоҳлаган кимсани азоблайди, хоҳлаган кишига эса раҳм қилади. Унгагина қайтариласизлар.
Яъни, Аллоҳ таоло хоҳлаган бандаларини гуноҳлари туфайли азоблайди, хоҳласа, уларга раҳм қилиб, Ўз фазл-марҳамати билан сийлайди. Сизлар Унгагина қайтариласизлар ва У амалларингизга қараб ҳисоб-китоб қилади. Зеро, Аллоҳ ҳамма анрсага қодирдир, бандаларининг амалларига яраша мукофот (савоб) ёки жазо бериш Унинг хоҳишига боғлиқдир. Бунда ҳеч бир зот Унга тенг кела олмайди ёки шерик бўла олмайди.

22. Сизлар ерда ҳам, осмонда ҳам ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизларга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмайди.
Эй инсонлар, Аллоҳга рўбарў бўлиш ва Унга ҳисоб беришдан асло қутула олмайсизлар. Ерда ёки осмонда бўласизларми, бундан қатъи назар, албатта Унга йўлиқасизлар, ҳузурида ҳисобга тортиласизлар. Сизларнинг Унинг ҳукми ва жазосидан қутқариб қолувчи бирор куч ҳам йўқ, бунда бирор ёрдам берувчини ҳам топа олмайсизлар. Шунинг учун ҳам дунё ҳаётида Унга имон келтириш, Унинг амрларини бажаришдан иборат зиммангиздаги масъулиятни асло унутманг!

23. Аллоҳ оятларини ва Унга рўбарў бўлишни инкор қилган-лар, айнан ўшалар Менинг раҳматимдан ноумид бўлишди, уларга аламли азоб бордир.
Яъни, Аллоҳга рўбарў бўлишнинг ҳақлигига далолат қилувчи оят-аломатларни инкор қилувчи кимсалар Менинг раҳматимдан буткул маҳрумдирлар ва уларга шиддатини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган даражада аламли азоб бўлади. Икки дунёда ҳам фақат кофиргина Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлади. Чунки у ўзининг куфри туфайли Аллоҳ билан бўлган алоқасини узади. Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига имони бўлмагани учун Аллоҳнинг буюк мағфиратини ҳам инкор қилади. Мўмин-мусулмонлар эса қилган гуноҳ-хатоларини Аллоҳ мағфират қилишидан, Аллоҳнинг имонли бандаларига раҳматидан умидвор ҳолда ҳаёт кечиришади. Чунки улар Аллоҳнинг бандаларга раҳмати беқиёс эканини яхши билишади.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ таоло бир умматга раҳмати бўлишини хоҳласа, пешвоз чиқиш учун улардан олдин пайғамбарларининг жонини олади. Агар бирор умматни ҳалок этишни хоҳласа, пайғамбарлари тирик туриб уларни азобга гирифтор қилиб ҳалок этади. Ва у пайғамбар ёлғонга чиқариб, буйруғига осийлик қилган умматининг қандай азобланаётганини ўз кўзи билан кўриб туради», дедилар (Муслим ривояти). Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларида бир неча лафзда келтирган бир ҳадис бор. Уни ўрганиб чиқилса, қуйидагича хулоса келиб чиқади: ўтган умматлар ичида бир кафан ўғриси бўлган экан. У умр бўйи ўликларнинг кафанини ўғрилаб тирикчилик қилибди. Аммо унинг қалбида тавҳид - ёлғиз Аллоҳга бўлган иймон яхши ўрнашган экан. Ҳаёти охирлаб, кўзига ўлим кўринганда қилган ишларидан қаттиқ надомат қилибди. Аллоҳнинг азобини ўйлаб, даҳшатга тушиб, ҳатто ақлдан оза-ёзибди. Энди қилган ёмонликларини яхшилик билан ювишга етарли имконияти қолмаганига кўзи етгач, нима қилишини билмай, ўғилларига васият қилибди: «Ўлганимдан кейин қуруқ суягим қолгунича мени ўтда ёқинглар. Кейин устихонларимни туйиб-янчиб, толқонини дарёга олиб бориб, шамол турган вақтда ҳавога сочиб юборинглар. Чунки агар Аллоҳ мени тутса, гуноҳим кўплигидан мени шундай азоблайдики, ҳали бирор кишини бундай азобламаган». У одам ўта жоҳиллигидан ана шундай қилиб Аллоҳнинг азобидан қутилиб қолмоқчи бўлади. У ўзича Аллоҳ мени зарраларимни жамлай олмайди деб ўйлайди. Фарзандлар отанинг васиятини бажаришди. Аммо Аллоҳ таоло бир амр билан унинг зарраларини жамлади ва бус-бутун ҳолида тирилтирди. У эса Аллоҳнинг ҳузурида ҳайрону лол бўлиб турар эди. Шунда Аллоҳ ундан: «Эй бандам, нега бундай қилдинг?» деб сўради. У: «Эй Парвардигорим, Сендан қаттиқ қўрққанимдан шундай қилдим. Сенинг қўрқинчинг, хавфинг мени шу ишни қилишга олиб борди», деди. Шу пайт Аллоҳнинг фазлу марҳамати жўш урди. Бандасининг ҳолига раҳми келди. У Зотнинг азобига тўла ишонгани ва У Зотдан қаттиқ қўрққанини эътиборга олиб, Ўз фазли билан уни мағфират қилди. Аллоҳнинг азобидан бўлган қўрқинч сабабли ақл-ҳуши учиши натижасида қилган мазкур нотўғри тасарруфини ҳам кечирди.
Аллоҳнинг мағфирати ва раҳмати чексиз. Хоҳласа, банданинг биргина яхши амали сабабли ҳидоят қилиб, жаннатига эриштириши ҳеч гап эмас. Қуръони каримда қаерда Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати зикр қилинса, шу жойда У Зотнинг ғазаби ва азоби ҳам эслатилади. Қачон жаннат ҳақида гап кетса, дўзах ҳам эсга олинади. Мана шунинг ўзи бандага доимо хавф ва ражода бўлиш лозимлигини уқтиради.

24. Қавмининг жавоби «Уни ўлдиринглар ёки ёндиринглар!» дейишгина бўлди. Шунда Аллоҳ уни оловдан қутқарди. Бунда имон келтирадиган қавмлар учун аломат бордир.
Ушбу ояти каримадан бошлаб яна пайғамбар Иброҳим алай-ҳиссаломнинг қавмлари билан мунозаралари қиссаси баён этила бошлайди. Яъни, Иброҳим алайҳиссаломнинг кўплаб очиқ-ойдин ҳужжат келтириб, насиҳат қилишларига қарамай, қавм у кишининг даъватларини қулоққа олмади, аксинча Аллоҳнинг пайғамбарига жисман жазо бериш режасини туза бошлади: уни қилич билан ўлдириш ёки оловга ташлаб ёқишни мўлжаллади. Бу уларнинг зулм, туғён ва жаҳолатда ҳаддан ошганидан дарак берарди. Иброҳим алайҳиссаломдан илоҳий даъватни эшитган қавм “лаббай” деб жавоб бериш ўрнига охири маслаҳатлашиб, пайғамбарларини оловда куйдириб ўлдиришга қарор қилди. Ўша пайтда Иброҳим алайҳис-саломни гулханда куйдиришга фармон берган кофир подшоҳнинг исми Намруд ибн Канъон эди. У ўшанда Бобил ҳукмдори бўлган. У Аллоҳнинг пайғамбарига кўп азиятлар етказиб, охири уни ўтда куйдириб, батамом қутулишга қарор қилган эди. Намруднинг аъёнлари фурсатни кечиктирмай, ўтин йиғиб келишди ва у зотни тутиб келиб, катта гулхан ичига отишди. Шунда Аллоҳ таоло уни оловдан қутқариб, нажот берди, оловни салқинлик ва омонлик жойига айлантириб қўйди. Ўзи илашган нарсасини ёндириб-куйдириш хусусиятига эга олов Аллоҳнинг амрига биноан Иброҳим алайҳиссаломни куйдирмади, салқин ва саломатлик жойи бўлиб кутиб олди.
Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссаломни оловдан қутқариб, катта гулхан ичидан соғ-саломат чиқариб олиши имон келтирувчи ҳар бир қавм учун Унинг қудратига, Аллоҳнинг бутун оламлар Парвардигори эканига очиқ-ойдин далилдир. Аллоҳнинг дини йўлида, ўз имонини асраш йўлида турли синовларга сабр қилган бандаларга Аллоҳ таолонинг Ўзи нажот бериши муқаррар экани шундан ҳам аниқ бўлиб турибди. Агар Аллоҳ хоҳласа, бандасини улкан олов ичида ҳам зарар етказмай, саломат сақлаб қолиши мумкин экан. Демак, имон йўли осон ва қулай эмас, балки у машаққат ва қийноқларга тўла. Мўминлар имон учун, дин-диёнат учун азоб-уқубат тортиш пайғамбарлардан, жумладан, Иброҳим алайҳиссаломдан қолган шарафли мерос эканини ҳам англаб олишлари зарур. Ушбу ўринда Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ушбу оятдан ибрат олишга чақирмоқда.

25. У айтди: «Сизлар дунё ҳаётида ўзаро дўстлашиш учун Аллоҳни қўйиб, бутларни тутдингиз. Сўнгра қиёмат куни баъзиларингиз баъзиларингиздан тонасиз ва айримларингиз ай-римларингизни лаънатлайсиз ва жойингиз дўзахдир, сизларга ёрдам берувчи бўлмайди».
Яъни, Иброҳим алайҳиссалом қавмларига шундай дедилар: “Эй қавмим, сизлар бу бут-санамларни эътиқод қилиш, ҳақиқий ибодат қилиш учун танламадингиз, балки ўзларингизда меҳр-муҳаббат пайдо бўлиб, бир-бирларингизга яхши муомалада бўлиш учун қабул қилиб олдингиз. Дунё ҳаётида нима қилсангиз ҳам ўз ишингиз, аммо қиёмат қойим бўлганида бу меҳр-оқибатнинг қанчалар ботил экани яққол ойдинлашади. Ўшанда баъзи кишилар айримларини: яъни бошлиқ бўйсунувчини, бўйсунувчи бошлиқни, маъбуд ибодат қилувчини, ибодат қилувчи эса маъбудларни инкор қилиб, лаънатлашади. Сизларнинг ҳам, ботил “илоҳ”ларингизнинг ҳам жойи албатта дўзахда бўлади. У ерда сизларга берилаётган азоб оғирлшаса-оғирлашадики, асло енгиллатилмайди. Ва сизларни бу азобдан қутқариб қоладиган бирор ёрдамчи ҳам топилмайди”.
Демак, мушриклар ўзаро дўстлик, муҳаббат, мулозамат кўрсатиш, бир-бирларига муносиб эканларини билдириш учун Аллоҳни қўйиб, бутларга юзланишган. Аввалдан бутларга ибодат қилиб келишган, ўрганиб қолишган, агар бошқага юзлансак, шерикларимиз биздан хафа бўлишади, деб, ўзларича бир-бирларининг риояларини қилиб, гап-сўз кўпаймаслиги учун бутларга сиғинишда бардавом бўлишган. Лекин бу ишларини дунё ҳаёти учун қилишади, охиратда ҳамма нарса ошкор бўлганида эса, бир-бирларининг риояларини қилишга, бир-бирларига хушомад этишга ўрин ва зарурат қолмайди.

26. Лут унга имон келтирди ва: «Мен Парвардигоримга ҳижрат қилувчидирман. У иззатлидир, ҳикматлидир», деди.
Яъни, Лут Иброҳим алайҳиссаломга Парвардигори даргоҳидан нозил бўлган нарсаларни тасдиқлаб, унга имон келтирди. Иброҳим қавми озор бергач, у шундай деди: “Мен Парвардигорим буюрган томонга ҳижрат қилувчиман. Зеро,У амри устидан ғолиб, қилаётган барча ишларини ҳикмат билан қилувчи қудратли Зотдир. Лут алай-ҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга жиян эди. У амакиси Иброҳим алайҳиссаломга имон келтирган биринчи одам бўлди. Шунингдек, Иброҳим алайҳиссаломга хотинлари Сора ҳам имон келтирган эди.
Муфассирлар оятдаги «Мен Парвардигоримга ҳижрат қилувчидирман» жумласини ким айтгани тўғрисида икки хил фикр билдиришган: баъзилари «Бу гапни Лут алайҳиссалом айтган», дейишса, кўплари «Иброҳим алайҳиссалом айтган», дейдилар. Нима бўлганда ҳам Аллоҳ буюрган томонга ҳижрат қилиш, дунёдаги ҳамма нарсани ташлаб Аллоҳ таолога интилиш туйғуси Иброҳим алайҳис-саломда ҳам, Лут алайҳиссаломда ҳам кучли эди. Аллоҳ таолонинг Азиз - ўта қудратли, ҳаммадан устун эканига ва ҳар нарсани ҳикмат билан қилишига ишончлари ҳам юқори даражада бўлган. Ҳамма нарсадан кечиб, фақат Аллоҳни деганлари учун ҳам Аллоҳ таоло уларга барча яхшиликларни кутганларидан зиёда қилиб берган.

27. Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни ҳадя этдик, пайғамбарлик ҳамда китобни унинг зурриётида қилдик ва унга шу дунёда ҳам мукофотини бердик. У охиратда ҳам солиҳлардандир.
Яъни, «Шундан сўнг Биз Иброҳимга ўғил Исҳоқни, набира Яъқубни ҳадя этдик, унинг зурриётидан пайғамбарлар қилдик. Ўша пайғамбарларга Таврот, Инжил ва Қуръон каби самовий китобларни нозил қилдик. Иброҳимнинг яхши амали учун шу дунёда унга солиҳа аёл ва вафотидан сўнг яхши мақтов қолдириш учун ажр-мукофотини ҳам бердик. Шубҳасиз, у охиратда Аллоҳ улардан, улар ҳам Аллоҳдан рози бўладиган бандалардир. Дарҳақиқат, барча пайғамбарлар Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриётларидир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом «Абул анбиё» («Пайғамбарларнинг отаси») деб аталадилар. Аллоҳ таоло Иброҳим алай-ҳиссаломни ихлосларига яраша, Аллоҳ йўлида тортган машаққатларига мос равишда мукофотлади. У кишига авлодлар сулоласини берди ҳамда пайғамбарлик мартабасини ва илоҳий китоб тушишини уларга хос қилди.
Юқорида зикр этилганлар Қуръони каримда келган Иброҳим алайҳиссалом қиссалари эди. Суннат китобларида ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Иброҳим алайҳиссалом шаънларига айтган сўзлари келтирилган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келиб, “Эй инсониятнинг энг яхшиси бўлган зот!” деб мурожаат қилди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу (яъни инсониятнинг энг яхшиси) Иброҳим алайҳиссаломдир”, дедилар” (Муслим ривояти). Албатта бу Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг камтарликлари бўлиб, шу орқали боболари Иброҳим алайҳис-саломга мақтов йўлламоқдалар. Ҳолбуки, пайғамбарларнинг энг афзали, Аллоҳ яратганларнинг энг яхишиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

28. Лут эса ўз қавмига: «Сизлар шундай фаҳш ишни қиляпсизларки, олдин ўтган оламлардан ҳеч ким буни қилмаган эди;
Аллоҳ таоло қавмга Лут алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборгач, у қавмга мурожаат қилиб, фаҳш ишларни содир этишда Ер юзида уларнинг олдига тушадиган одам йўқлигини айтди. Ҳақиқатан Лут алайҳиссалом ўз қавмига уларнинг золимлиги, осийлиги ва бошқа мункар ишларини эслатиб, уларни бу йўлдан қайтаришга ҳарчанд уринмасин, қавм барибир ўзининг шайтоний ишини афзал биларди. Бу фаҳш иш нима экани олдинги оятларда зикр қилиб ўтилди. Бу қавм жинсий бузуқликка, бесоқолбозликка, баччабозликка берилган эди. Ушбу оятда мазкур бузуқликни Лут қавмидан олдин инсоният тарихида ҳеч ким қилмагани ҳам таъкидланмоқда. Кейинги оятда Лут алайҳиссалом мазкур фаҳш ишни очиқ баён этди:

29. ҳақиқатан сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизларми ва йиғинларингизда ёмон ишни қиласизларми?!» Қавмининг жавоби фақат «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтир», дейиш бўлди.
Лут алайҳиссалом қавмнинг жинояти нақадар улкан эканини англатишда давом этиб, шундай деди: Сизлар эркакларга жинсий яқинлик қилиб, йўлни кесасизларми?” Лут қавмининг фаҳш иши эркак кишининг эркак кишига шаҳват билан жинсий яқинлик қилишидан иборат эди. Пайғамбар Лут алайҳиссалом бу ерда уларга ўша ишларини эслатмоқда. Оятдаги «йўлни кесиш» ибораси аслида қароқчилик қилиш, одамларнинг йўлини тўсиб, озор бериш, молу мулкларини тортиб олиш маъноларини ифодалашда ишлатилади. Бу ерда эса кишиларнинг йўлини тўсиб, фаҳш ишга мажбур қилганларини англатиш учун ишлатилмоқда. Лут қавми бу ишга ўта мубтало бўлганидан, йўловчиларни тўсиб, зўрлаш даражасига бориб етган эди. Айрим муфассирлар эса бу жумлага инсон наслини давом эттириш йўлини тўсасизларми, деган маъно ҳам беришган.
Лут қавми бу ишга муккасидан кетгани сабабли тўпланиб олиб, бесоқолбозликни ошкора, очиқчасига қилишар эди. Улар на ўзларидан, на бошқалардан уялишарди. Ҳатто улар кўпчилик тўпланган йиғинларда ҳам буни қилишдан тап тортишмасди. Ҳолбуки, уларнинг бу қабиҳ ишлари оддий фаҳш эмас, балки ўтакетган ёвузлик, инсонийлик чегарасидан чиқиб кетиш эди. Одатда бундай даражага етган одамлар дарҳол тавба қилиб, ўзларини ўнглашмаса, оқибати ёмон бўлиши аниқ бўлиб қолган эди. Шунинг учун ҳам Лут алайҳиссалом ўз қавмларини юқоридаги гаплар билан бу йўлдан қайтишга даъват қилдилар. Аммо қавм пайғамбарнинг оқилона сўзларига жоҳилона жавоб қайтарди. Табиати бузуқ, ҳирс доми-га тушган бу бузуқ қавмга ўзларидан чиққан пайғамбар Лут алай-ҳиссаломнинг даъвати заррача ҳам таъсир қилмади. Балки туғёнга кетган қавм ўз пайғамбарига истеҳзо билан: «Агар гапинг рост бўлса, бизга Аллоҳнинг азобини келтир-чи!» деди. Яъни, агар мен пайғамбарман деган даъвойинг рост бўлса ва ўзимиз яхши кўрган ишларни қилаётганимиз учун устимизга Аллоҳнинг азоби тушади” деган огоҳлантиришларинг ҳақ бўлса, ўша айтаётган азобни келтир-чи! Бу ҳол Лут алайҳиссалом учун катта синов эди. Шаҳвоний лаззатга берилган қавмнинг имон ва дин-диёнат билан ҳам, Аллоҳнинг амри ва пайғамбарнинг даъвати билан ҳам ҳеч қандай иши йўқлиги сабабли қилаётган гуноҳлари учун азоб келишидан қўрқмай ҳам қўйишган эди.

30. У айтди: «Парвардигорим, бузуқлар қавмига қарши менга ёрдам бер!».
Ана шунда Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога ёлборишдан ўзга чораси қолмади. Унинг ягона паноҳи Аллоҳ таолонинг Ўзи эди. Бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермагач, энди уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди. У дуо қилиб, Парвардигоридан ёрдам ва нусрат сўрай бошлади: “Эй Парвардигорим, бузуқлар қавмига қарши менга ёрдам бер, улар устидан ғолиб қил!”. Аллоҳ азза ва жалла Лут алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Фаҳш ишларга одатланган бузуқ қавмни ҳалок қилиш учун Ўз фаришталарини юборди. Ўша фаришталарга йўл-йўлакай Иброҳим алайҳиссаломга фарзанд кўришлари ҳақидаги башорат-хушхабарни етказиш ҳам топширилган эди. Шу мақсад билан улар аввал Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳузурларига келишди.

31. Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга хушхабар келтириб: «Бизлар мана шу шаҳар аҳлини ҳалок қилувчидирмиз, чунки унинг аҳли зулм қилувчилардан бўлди», дейишди.
Аллоҳ таолонинг фаришталари Иброҳим алайҳиссаломга ўғли Исҳоқнинг туғилиши башоратини беришга келганларида пайғамбарга шундай дейишди: “Эй Иброҳим, бизлар Парвардигоринг томонидан Лут алайҳиссалом яшайдиган Садум шаҳрини ҳалок қилишга юборилганмиз. Чунки унинг аҳли ёмон қилмишлари ва фасод ишлари билан золимлардан бўлди, яъни бу қавм инсон зоти жирканадаиган бузуқликлар содир этиш, қароқчилик қилиш, одамларнинг мол-мулкларини ўзлаштириб олиш, мажлисларида ўзлари одатланган фаҳш ишларини бемалол қилиш билан ҳақиқий золимлардан бўлишди. Дарҳақиқат, Аллоҳ юборган пайғамбарнинг гапига кирмай, гуноҳ қилишда бардавом бўлишдан ҳам каттароқ золимлик бўлиши мумкинми?!

32. У: «Унда Лут бор-ку?!» деди. Улар: «Биз унда ким борлигини яхши биламиз. Биз уни ва аҳлини албатта қутқарамиз, фақат унинг хотини қолувчилардандир», дейишди.
Аллоҳнинг фаришталаридан жиянлари Лут яшаб турган шаҳарнинг ҳалок этилиши ҳақидаги хабарни эшитган Иброҳим алайҳис-салом қўрқинч ва ҳаяжон билан шундай дедилар: «Ахир, у жойда Лут бор-ку!» Яъни, сизлар ҳалок қилмоқчи бўлган шаҳарда Лут ҳам истиқомат қилади, у Аллоҳнинг солиҳ пайғамбарларидан бири. Қандай қилиб қавмига қўшиб уни ҳам ҳалок қилмоқчисизлар? Бу гапда савол аралаш эътироз ҳам бор эди. Фаришталар буни тўла тушунган ҳолда Иброҳим алайҳиссаломнинг дилидаги таҳликага барҳам бериш учун: «Бизлар унда ким борлигини яхши биламиз. Бизлар уни ва аҳлини албатта қутқарамиз», дейишди. Яъни, «Ўша Садум шаҳрида ким борлигини, жумладан, Лут борлигини ҳам, шаҳар аҳли ичида яхшиларини ҳам, ёмонларини ҳам, мўминларию кофирларини ҳам яхши биламиз. Эй Иброҳим, сен буни ўйлаб, хавотирга тушма, бизлар унга, яъни Лутга ва унинг аҳлига, яъни унга имон келтирганларга ҳалокатдан нажот берамиз. Фақат унинг хотинигина азобда қолувчилардан бўлиб қолади». Чунки Лутнинг хо-тини эрига итоат қилиш ўрнига жиноятчи қавмнинг ёнини оларди, уларнинг жиноятларини инкор этмас эди. У пайғамбарга муносиб солиҳа аёл бўла олмади.
Иброҳим алайҳиссалом билан бўлган суҳбатдан сўнг фаришталар Лут алайҳиссаломнинг олдига жўнаб кетишди.

33. Элчиларимиз Лутнинг олдига келишганида улар сабабидан ёмон ҳолатга тушди ва юраги сиқилди. Улар айтишди: «Сен қўрқма ва хафа ҳам бўлма, бизлар сени ва аҳлингни албатта қутқарамиз, фақат хотининг қолувчилардандир;
Фаришталар Лут алайҳиссаломнинг олдига келишгач, у ёмон аҳволга тушиб қолди, юраги сиқилди, қўрқув ва хавотири ортиб кетди. Пайғамбарнинг Аллоҳ юборган фаришталарни кўриб, хафа бўлишига сабаб бор эди. Аввало, элчи-фаришталар келишган, хусндор йигитлар қиёфасида келишган эди. Қолаверса, Лут алайҳисса-лом уларнинг элчи-фаришталар эканидан ҳали хабар топмаган эди. Бундай ёш ва чиройли меҳмон йигитларга жиноятчи қавм тажовуз қилиб, мезбон Лут алайҳиссаломни шарманда этишлари мумкин эди. Шу сабабли Лут алайҳиссалом уларни кўриб, қавмнинг бирор озор етказиб қўйишидан хавфсирагани, бунинг олдини олишга қурбати етмаслигини ўйлаб ғамга ботган ва юраги сиқилган эди. Лут алайҳиссаломнинг бу ҳолатини сезган фаришталар унга тасалли бериш ва хотиржам қилиш учун шундай дейишди: “Сен қўрқма ва ғамга ҳам тушма! Сенинг олдингга келганимиздан ҳам хавотир олма! Бизлар сенга ва сенга эргашган имонли кишиларга ва оилангга нажот берувчилармиз. Фақат хотининг азобдан қутула олмайди, у ҳалок бўлувчилар билан бирга қолади. У сенинг хотининг бўлишига қарамай, қилмишлари учун азобга гирифтор бўлади”.

34. фосиқлик қилганлари учун бизлар ушбу шаҳар аҳли бошига осмондан азоб туширувчилармиз».
Шундан сўнг фаҳш ишлари билан Аллоҳ таолонинг ғазабига учраган бу қавмнинг бошига қандай азоб келишининг хабари берилади. Аллоҳ таоло бу қавмни қилмишига яраша жазолади. Жаброил алайҳиссаломга буюриб, уларнинг юртини тескарисига тўнтарти-риб ташлади. Қавмдаги ҳар бир одамнинг устидан ифлослантириб қўйилган тошларни ёғдирди. Фаришталар айтишдики, бизлар Аллоҳ таолонинг амри ва иродаси билан Парвардигорларининг тоатидан чиқиб, фисқу фужур ишлар қилган бу қавмнинг устига осмондан ёғилувчи шиддатли азобни туширамиз. Улар бу азобни даф қилиш ёки ундан қутилишга асло имкон ё куч топа олишмайди.

35. Дарҳақиқат, Биз ақл юритувчи қавмлар учун ундан аниқ аломатлар қолдирганмиз.
Сўнгра Аллоҳ таоло Ўз ҳикматини, яъни бошқаларга ибрат бўли-ши учун ўша золим қавмдан аниқ белги-аломатлар қолдирганини баён қилади. Дарҳақиқат, Лут қавмидан, улар яшаб ўтган диёрдан уларнинг оқибати нима билан тугаганини эслатиб турувчи нишоналар қолдирилгандир. Токи, ақл-фаросат ва тафаккур эгалари уларнинг қисматини ўйлаб, бундай қабиҳ ишлардан ҳазар қилсинлар. Бу нишоналар ўша қавм ҳақидаги қисса, оят ва эсдаликлар ёхуд улар яшаб ўтган юртнинг қолдиқлари ҳам бўлиши мумкин. Кейинчалик Ўлик денгиз ҳудудида Садум шаҳрининг қолдиқлари топилган, ҳозирда кўпчилик бориб уларни кўрмоқда, ибратланмоқда. Ибн Касир айтади: “Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг изни билан бу қавм яшаган шаҳарни Ер юзидан бутунлай супуриб ташлади. Кейин уни осмонга кўтарди ва золим қавмнинг устига ағдарди. Шундан кейин Аллоҳ қавмнинг устига белгилаб қўйилган тошларни Ўзининг даргоҳидан муттасил сел каби ёғдирди. Уларнинг маконлари бадбўй кичик бир кўлга айлантирилди. Қиёматга қадар бу қавм бошқаларга ибрат бўлиши учун шундай қолдирилди. Охиратда эса улар янада қаттиқроқ қийноқлар билан азобланадилар”.
Шундан кейин Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Шуъайб алайҳиссаломнинг қиссаси келади:

36. Мадянга биродарлари Шуъайбни (юбордик). Шунда у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар, охират кунидан умидвор бўлинглар ва ерда бузғунчилик қилиб юрманглар», деди.
Аллоҳ таоло Шуъайб алайҳиссаломни ўз қавми бўлган мадянликларга ҳамда Асҳоби Айкага пайғамбар қилиб юборди. Мадянликлар аслида араб бўлишган ва уларнинг диёри Ақоба кўрфазидан Тури Сийногача чўзилган. Шуъайб алайҳиссалом эса Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриётларидан чиққан араблардандир. Шуъайб алайҳиссалом қавмини чиройли сўзлар билан баладнд овозда тавҳидга чақиргани учун “пайғамбарлар хатиби” номини олган. У қавмини Аллоҳ таолога ибодат қилишга, фисқу фасоддан узоқда бўлишга, гуноҳлардан тийилишга, зулм қилмасликка чақирди. У қавмига мурожаат қилиб: “Охират кунидан умидвор бўлинглар, Ер юзида бузғунчилик қилманглар!” деб насиҳат қилди. Шуъайб алай-ҳиссаломнинг даъватлари ҳам, Аллоҳ таолонинг мадянликларга мўл ризқ, қулай ҳаёт ато этиб қўйгани ҳам фойда бермади. Улар ҳақ йўлдан озиб, гуноҳларини кўпайтираверишди. Шуъайб алайҳисса-лом қавмини Аллоҳнинг азобидан кўп бор огоҳлантирганига қарамай, золим қавм гумроҳликда қолаверди ва Аллоҳнинг аламли азобига гирифтор бўлди. Шуъайб алайҳиссаломнинг ўз қавмига қарата айтган Аллоҳгагина ибодат қилиш, охират кунидан умидвор бўлиш, Ер юзида бузғунчилик қилмасликка чақириқлари Аллоҳнинг барча пайғамбарлари даъват қилган амалларга ҳамоҳанг эди. Мана шунинг ўзи ҳам Аллоҳнинг барча пайғамбарларига келган даъват манбаи бир эканини кўрсатади.

37. Уни ёлғончига чиқаришди. Шунда уларни шиддатли зил-зила тутиб, тонгда уйларида мук тушганча ўлишди.
Мадян халқи Шуъайб алайҳиссаломни ёлғончига чиқаргани ва унга итоат этмагани учун Аллоҳ таолонинг ғазабига ва азобига учради. Аллоҳ таоло етти кун мобайнида улардан салқин шаббодани тўхтатиб қўйди. Улар устига куйдириб-ёндириб юборадиган жазирама иссиқни юборди. Ҳарорат уларни тамоман бетоқат қилиб юборди, улар уйларига кириб яширинишга мажбур бўлишди. Аммо иссиқ уларнинг уйларига ҳам кириб борди. Жазирама қудуқ ва чашмалар сувини ҳам қуритди. Уларга на сув, на соя фойда берарди. Ниҳоят, улар уйларидан чиқиб, саҳрога қочишди. Шунда Аллоҳ улар устига бир булутни юборди. Ҳамма соя излаб ўша булут остига тўпланди. Шунда остларидан зилзилага, устларидан Жаброил алай-ҳиссаломнинг сайҳасига (қаттиқ қичқириғига) дучор бўлдилар. Жаброил алайҳиссаломнинг сайҳасидан тоғлар ва ер силкиниб, бошларига оташ ёғилди ва ҳаммалари шу тариқа азобланиб, мукка тушганча ҳалок бўлишди. Бу ҳалокат уларнинг қилган жиноятлари ва имон йўлига юрмаганларининг жазоси эди.
Шундан кейинги оятларда Од ва Самуд қавмларининг қандай ҳалок этилгани ҳақидаги хабар келади:

38. Од ва Самудни ҳам. Бу сизларга уларнинг масканларидан аён бўлиб турибди. Шайтон уларга амалларини чиройли кўрсатиб, уларни йўлдан тўсди. Ҳолбуки, улар эсли-ҳушли кишилар эди.
Маълумки, Од қабиласи Арабистон ярим оролининг жанубидаги Ҳазрамавт ва Яманга яқин жойларда яшаган бўлиб, уларнинг ерлари бепоён, серсув ва ҳосилдор ва баракали эди. Од қавмига ўз биродарлари Ҳуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган эди. У қавмини ягона Аллоҳга имон келтиришга, зулм ва гуноҳ ишларни қилмасликка чақирди, аммо осий қавм уни инкор қилди. Шунда Аллоҳ таоло уларни жиноятлари ва имонга келмаганлари учун ўт-оловли шамол билан ҳалок этди. Аллоҳ уларнинг ерларига уч йил мобайнида ёмғир ёғдирмай қўйди. Устларига келган булут ёмғир ёғдиради, деб ўйлаб ғафлатда қолишганда булут ортидан иссиқ бўрон келиб, барчаларини ҳалок қилди.
Самуд қавми эса Арабистон ярим оролининг шимол тарафидаги Водил-Қурогача чўзилган Ҳижр ҳудудида яшаган. Самуд қавми бутунлай йўлдан озиб, бут-санамларга сиғинишни, Ер юзида фасод чиқаришни бошлаганларида Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Бироқ улар Аллоҳ пайғамбарининг даъватини куфр билан қарши олишди ва уни инкор этишди. Шунда Аллоҳ таоло қаттиқ қичқириқ юбориб, уларни ҳалок этди. Осмондан ва ер остидан чиққан даҳшатли қичқириқдан ҳаммалари тутдай тўкилиб, ҳалок бўлишди. Од ва Самуд қавмларининг масканлари ушбу ҳалокатлардан эсдалик бўлиб харобалари сақланиб қолган. Араблар ўтган-кетганларида ўша асарларни кўриб туришган. Табиийки, улар бундан ибрат олишлари, мазкур қабилалар қилган хатони такрорламасликлари керак эди. Аммо бундай бўлмади. Шунинг учун ҳам Қуръони карим ушбу оятлар орқали ўтган қавмларнинг ҳалокатини эсларига солиб қўймоқда. Од ва Самуд қабилаларининг ҳалок бўлишига шайтон уларга қилмишларини чиройли кўрсатиб, зийнатлаб қўйгани, уларни ҳақ йўлдан тўсгани сабаб бўлган эди. Улар “Биз тўғри йўлдамиз, қилаётган ишларимиз ҳақ, бундан бошқача бўлиши мумкин эмас” деган хаёлларга боришган. Ўз фикрлари, тузган қонун-қоидалари, қилаётган ишларига маҳлиё бўлиб, Аллоҳ йўлига юришдан, ҳақни танишдан бош тортишган. Ваҳоланки,улар эс-ҳушли, ақл-идрокли одамлар эди.Ўша ақл-идрокларини ишга солиб, Аллоҳнинг йўли ҳақ эканини англаб етишлари мумкин эди. Аммо хаёллари ва амаллари билан ғурурланиш уларни ҳалокат сари етаклади ва қаттиқ азоб туфайли ҳалок бўлишди. Қуръони карим таълим беряптики, барча замонлар ва маконлардаги инсонлар Од ва Самуд қавмларининг қилмишлари ва шу сабаб туфайли бошларига келган ҳалокатлардан ўрнак олсинлар. Хаёлларига келган ёки шайтон чиройли қилиб кўрсатган йўлга эмас, Аллоҳнинг ҳақ йўлига юришсин, акс ҳолда худди Од ва Самуд қавмларига ўхшаб, халокатга дучор бўлишади.

39. Қорун, Фиръавн ва Ҳомонларни ҳам. Дарҳақиқат, Мусо уларга аниқ ҳужжатлар келтирганида улар Ерда мутакаббирлик қилишди ва қочиб қутула олишмади.
Ушбу ояти каримада исмлари зикр этилганлардан Қорун - Аллоҳ таоло томонидан беҳисоб мол-дунё берилганига қарамай, туғёнга кетиб, Аллоҳга имон келтирмаган кимса эди. У бойлигига мағрурланиб, Аллоҳнинг пайғамбарига итоат қилмади, ҳатто унга туҳмат уюштириб, уни бадном қилмоқчи бўлди. Ўзи осийлик қилгани етмагандай, бошқа одамларни ҳам Мусо алайҳиссаломга эргашмасликка чақирди. Шунда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога илтижо қилиб, уни жазолашни сўрадилар. Аллоҳнинг амри билан Қорун ва унинг беҳисоб бойликларни одамларнинг кўз ўнгида ер ютди. Фиръавн эса, ўзига берилган улкан салтанат ва беҳисоб бойликларга маст бўлиб, Парвардигорига ўта итоатсизлик кўрсатган, ҳатто илоҳлик даъвосини қилишгача борган мутакаббир ҳукмдор бўлса, Ҳомон унинг золим вазири бўлган. Улар бойлик, мансаб ва шуҳратига маҳлиё бўлиб кибрга кетган, ўзини катта олиб Аллоҳнинг йўлига юрмаган, бошқаларга зулм қилган шахслардир. Улар ер юзида куфру туғён ила бузғунчилик қилган, халққа зулм ўтказиб, Аллоҳни ва Унинг йўлини тан олмай, ҳокимият ва бойлик восита-сида одамларни ўзига қул қилмоқчи бўлган подшоҳ ва мулкдорлар-нинг вакилларидир. Улар бу дунёда ҳалокатга учради, охиратда эса уларнинг Аллоҳнинг аламли азоби кутиб турибди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ушбу оятда хабар бериб: «Қорун, Фиръавн ва Ҳомонларни ҳам ҳалок қилдик», демоқда. Аллоҳ таоло юқоридаги уч кишини хослаб зикр қилганига сабаб шуки, улар қавмнинг йўлбошчиси, қавм наздида улуғ ва эътиборли кишилар эди. Шу билан бирга, улар Мусо алайҳиссаломга қарши тинмай турли-туман бўҳтон-иғво, туҳмат-айблов ва макр-ҳийлаларни ўйлаб топишар, уларни амалга оширишар эди. Қавм эса, худди юввош қўйлар каби индамай, ақл юритмай, мулоҳаза қилмай уларга эргашиб кетаверарди.
Аллоҳтаоло нима учун уларни ҳалок қилди? Улар ҳукмдор ва мулк эгаси бўлганлари учунгина ҳалок қилиндими? Йўқ, ҳукмдор бўла туриб ҳам Аллоҳга яқин ва суюкли банда бўлиш мумкин. Мол-дунёга эгалик қила туриб ҳам, Аллоҳга яқин ва суюкли банда бўлиш мумкин. Гап бошқа томонда. Аллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳиссалом Фиръавн, Ҳомон ва Қорунларга Аллоҳнинг ягоналигига, барча Унга ибодат қилиши лозимлигига очиқ-ойдин ҳужжатлар келтирди. Ана шунда улар имон келтириб, Аллоҳнинг йўлига юришлари керак эди. Аммо улар бундай қилишмади, мутакаббирлик билан Аллоҳнинг пайғамбарини инкор қилишди. Илоҳий кўрсатмаларга бўйсунишдан бош тортишди. Ўзларига берилган салтанатни, мол-дунёни илоҳий динга қарши қўллашди. Одамларни ўз хоҳишларига, бузуқ эътиқодларига бўйсундиришга ҳаракат қилишди. Аммо уларнинг ўйлагани бўлмади ва Аллоҳнинг азобидан қочиб қутула олишмади.

40. Кейин ҳаммаларини ўз гуноҳлари билан тутдик. Улардан баъзиларининг устига тош ёғдирдик, айримларини қичқириқ ушлади, баъзиларини ерга юттирдик ва айримларини ғарқ қилдик. Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм қилдилар.
Аллоҳ таоло бутун тарих давомида исёнга борган, куфр ва ширк йўлини тутган қавмларни гуноҳ устида айбларини бўйинларига қўйиб, сўнгуларни турли бало-офатлар воситасида ҳалок қилган. Куфр ва туғён туфайли имон ва илоҳий таълимотлардан четланганларнинг ҳаммаси, хоҳ жамоат бўлсин, хоҳ якка шахслар бўлсин, қилган гуноҳлари туфайли Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобига йўлиқишди. “Баъзиларинингустига тош ёғдирдик” жумласини муфассирлар Лут алайҳиссалом қавмига тегишли, дейишади, баъзилар бунга Од кавмини ҳам киритишади. Оятдаги “айримларини қичқириқушлади” жумласидан Самуд қабиласи ва Мадян аҳли устига юборилган азоб тушунилади. “Баъзиларини ерга юттирдик” деганда Қасас сурасида зикри келган очкўз Қорун назарда тутилган. “Айримларини сувга ғарқ қилдик” жумласи эса Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми ва Фиръавн ҳамда Ҳомон лашкарларини англатади.
Булар Қуръони каримда васфи келган айрим мисоллар, холос. Лекин дунё тарихига назар ташланадиган бўлса, ҳар бир гуноҳкор, кофир, мунофиқ, туғёнга кетган, Аллоҳнинг итоатида юрмаган қавм ёки шахслар шу дунёнинг ўзидаёқ у ёки бу кўринишда ҳалокатга дучор бўлган. Қиёмат куни эса улар энг қаттиқ жазога тортилишлари ҳам аниқ. Уларнинг бундай аянчли оқибатга йўлиқишларига ўзлари сабабчидир, бунда Аллоҳ уларга заррача ҳам зулм қилгани йўқ. У Зот кофир ва мунофиқларни ҳам, туғёнга кетиб, ҳаддидан ошганларни ҳам йўқдан бор қилди. Уларга ҳаёт, ризқу рўз, ақл-идрок ва бошқа барча керакли нарсаларни ато этди. Шу неъматлар учун ҳам улар бир умр Аллоҳга шукр қилишлари, Унга ибодат этишлари лозим эди. Аммо Аллоҳ бу неъматлари билан чекланмай, яна уларга пайғамбар юборди, ўз таълимотларини жорий қилиб, икки дунё саодатига эришиш йўлини кўрсатди. Аллоҳ бандаларини ихтиёридан, тоқатидан ташқари нарсалар учун азобламайди. Бундай амаллари учун ҳисоб-китоб ҳам қилмайди. Зеро, Аллоҳнинг илми мажбурловчи эмас, балки кашф қилувчи илмдир. Банда бола-чақаси, ҳаётлик чоғида тўплаган бутун мол-дунёси фойда бермайдиган кунда мана шу асосда жавоб беради. Кофир ва мунофиқлар эса ҳамиша мутакаббирлик қилиб, Парвардигорларини танишдан, Унинг ҳақ йўлига юришдан бош тортишди. Баъзилари ўзларини Аллоҳнинг ўрнига қўйиб, кишиларни ўз фикрига, таълимотига юришга мажбур қилди, ҳавойи нафсларининг хоҳишлари билан ҳаёт кечиришга ўтди. Бу билан эса ўзларига ўзлари зулм қилишди. Оқибатда эса, икки дунёнинг азоб-уқубатига гирифтор бўлишди.

41. Аллоҳдан ўзгани дўст тутганларнинг мисоли ўзига уй қурган ўргимчакка ўхшайди. Агар улар билишса эди, уйларнинг энг мўрти ўргимчакнинг уйидир.
Қуръони каримнинг ушбу оятида ўргимчакнинг уяси - энг мўрт, нимжон уй, деб тилга олинади. Аллоҳ «ўргимчакнинг тўри» демаган, балки «унинг уяси», деган. Маълумки, ўргимчакнинг тўри оддий ипга қараганда тўрт баробар пишиқ. Мўртлик бу ерда тўрга эмас, уяга тааллуқли. Бу уй ундан маскан ва паноҳ қидирганлар учун энг ёмон уйдир, унга тасодифан кириб қолган чақирилмаган меҳмонлар учун тузоқ ҳамдир. Бу уй ҳатто ўргимчак оила аъзолари учун ўлим жойидир. Ўргимчак қўшилишдан кейин эрини еб қўяди. У оч қолганида ҳатто болаларини ҳам ейди, болалар эса ўз навбатида бир-бирини ейишади. Бу ҳолат ҳақиқатан ўргимчакнинг уйи - энг ёмон паноҳ маскани экани ҳақидаги энг ёрқин мисолдир. Аллоҳдан ўзгадан паноҳ қидирганларнинг қисмати ҳам худди шундай бўлади. Бу ҳақда юқоридаги оят энг яхши огоҳлантиришдир. Оят охиридаги «Агар улар билишса эди» деган жумла бу ҳақдаги билимлар кейинчалик маълум бўлишини англатади. Маълумки, бу биологик сирлар яқиндагина очилди, табиийки, уни Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг билишлари мумкин эмасди. Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар, унинг уйидан ўзга уйда яшашни ихтиёр қилганлар гўё ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётган кимсалар каби тутаётганларини, ўзларининг тузган тузумлари худди ўргимчак уясига ўхшаб ўта нимжон эканини, такаб-бурликлари туфайли Аллоҳ қуриб берган улуғвор қасрни (Ислом динини) инкор этиб, ўргимчак уясида (залолатда) яшашни ихтиёр қилаётганларини билганларида нақадар қаттиқ адашаётганларини сезган бўлишарди.

42. АллоҳЎзини қўйиб, нималарга илтижо қилишаётганини яхши билади. У қудратлидир, ҳикматлидир.
Аллоҳ таолога мақтовларимиз бўлсин, У Зот мушрикларнинг Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган бут-санамларию сохта “илоҳ”ларининг барини жуда яхши билади. Аллоҳни қўйиб, бошқа нарсаларга сиғинаётганлар худди ўргимчакнинг уяси каби энг нимжон, энг фойдасиз, энг хатарли жойдан паноҳ қидирган, энг нотўғри йўлга кирган бўлади. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратлидир, ҳамма нарсанинг тадбирини қилувчи, ҳикматини билиб турувчи Зотдир. У борлиқдаги ҳамма нарсанинг ҳикматидан хабардор, ҳамма сирларни билувчи, ҳамма нарсани Ўзи тасарруф қилиб, бошқариб турувчи қудрат Эгасидир. Буни тушунмаган, моҳиятини англаб етмаган жоҳил ва нодон кимсалар эса ширк ўргимчагининг хавфли тўрига тобора ўралиб бора-ётганларини сезмай, эътиқодларини хатарга қўймоқдалар.

43. Ушбу мисолларни одамлар учун келтирамиз, лекин буларни олимларигина англайдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўпгина ўринларида илм эгалари англаб етган нарсаларга нодон, жоҳил кимсаларнинг ақли етмаслигини зикр этади. Ҳақиқатан, Аллоҳнинг ваҳийлари моҳиятини, У Зотнинг букжлигини илм эгалари теранроқ тушунадилар, Парвардигорларини яхшироқ танийдилар. Кўпгина оми, жоҳил одамлар фақат дўзах оловидан қўрқишади ва Аллоҳ ҳар қандай оловлардан ҳам қудратли эканини тушунмайдилар. Олимлар бўлса буни теран англаб, Аллоҳнинг Ўзидан кўпроқ қўрқишади. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг ҳар бирига ўзларининг англаш даражасига қараб турлича мурожаат қилади. Аллоҳ таоло келтираётган мисолларни ақлли кишиларгина тўла тушуниб етадилар, булардан ўзларига ибрат, сабоқ оладилар. Ақлсиз, жоҳил ва нодон кимсалар эса бу мисолларни тушуниш ўрнига Макка мушриклари каби «Муҳаммаднинг Парвардигори пашша ва ўргимчакни гапириб юрибди», деб масхара қилишга ўтадилар. Аслида, ушбу мисолларни келтираётган Зот уларни бежизга васф этмаганини, бу мисоллар Аллоҳнинг яратиш қудратига далолат қилишини англаган бўлар эдилар.

44. Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳақ билан яратгандир. Бунда мўминлар учун албатта аломат бордир.
Жоҳил мушрикларни таажжубга солиб, ўша пашша ва ўргимчак кабиларни мисол келтираётган Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни ҳақ билан яратган, зеро, бунга бошқа бирор зотнинг ҳаққи ҳам йўқдир.
Шундайин майда нарсаларни ҳам, коинот, осмонлар ва Ер каби улкан мавжудотларни ҳам яратган, бошқа махлуқотларини онгсиз, ақлсиз халқ қилгани ҳолда Ўзининг Ердаги халифаси қилиб танлаган инсонга ақл-идрок ва онг ато этган ҳам Аллоҳдир. Буларда имон лаззатини тотиган мўминлар учун ибрат олишга чорловчи аломатлар бордир. Бу ҳақиқатлар ҳақида озгина фикр юритган, салгина тадаббур қилиб кўрган онгли инсон ушбу буюк илоҳий қудрат қаршисида лол қолиб, дарров имонга келиши, Аллоҳни таниши лозим эди. Аммо одамларнинг аксарияти шунда ҳам Аллоҳга имон келтиришмади, Унинг беҳисоб мўъжизаларини кўриб-билиб туриб ҳам ҳидоятга юришмади. Унисини ҳам, бунисини ҳам имон ила тадаббур қилган инсон ўзи учун кўп оят-белгилар топади.
Кейинги оятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли берилиб, кофирларнинг қилмишларига, ўзларини тутишларига парво қилмай Аллоҳнинг айтганларини собитқадамлик билан бажаравериш уқтирилади.

45. (Эй Муҳаммад), Китобдан сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни адо этинг, намоз албатта фаҳш ва ёмонликлардан қайтаради. Албатта Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни билади.
Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали суюкли Пайғамбарини Қуръони карим оятларини тиловат қилиб, одамларга етказишни, намозларни тўкис адо этишни буюрмоқда. Чунки намоз ва Аллоҳнинг зикри инсонларни фаҳш ва ёмонликлардан қайтаради. Қуръонни тиловат қилиб, кишиларга етказиш Ислом даъватининг асосий омилидир. Ушбу илоҳий Китоб маъноларини кишиларга етказиш, унинг таълимотларига амал қилишга чақириш даъватчининг асосий иши бўлиши лозим. Бундан аён бўладики, намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фаҳш ва мункар ишларидан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий, комил бўлмайди. Намозхон намозни тўкис, барча арконларига амал қилган ҳолда адо этса, ўшанда фаҳш ва мункар ишларидан қайтади. Ибн Жарир Табарий Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир намоз ўқиса-ю, намози уни фаҳш ва мункар ишлардан қайтармаса, у кишининг ўз намози билан Аллоҳдан узоқлашиши зиёда бўлади, холос», деганлар. Ушбу амалда ҳам имон синови, ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиш омили яққол кўриниб турибди. Ҳақиқий мўмин синовларга бардош эериб, намозини тўкис адо қилади. Банданинг ғафлат ва гуноҳи сабабли занг қоплаган қалби фақат Аллоҳнинг зикри билангина тозаланади, занги кетади. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Парвардигорини зикр қилувчи билан Парвардигорини эсламайдиган кимса мисоли тирик билан ўлик кабидир” (Бухорий ривояти). Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳар бир нарсанинг ярқиратадиган жилоси бор, қалблар жилоси Аллоҳни эслашдир”. Қалбнинг туб-тубидан Аллоҳни эслаш-зикр қилиш инсон дилида маърифатни ўстиради, муҳаббатни зиёдалаштиради, кўнгилга Аллоҳдан қўрқувни жойлаштиради. Ўз-ўзини тафтиш қилишга ундайди, ибодатларида хато қилмаслик, маъсияту ёмонликлардан четланишга чақиради. Аллоҳни эслаш, Унинг зикри дуодан афзалдир. Шунинг учун ҳам қудсий ҳадисда шундай дейилган: “Кимнингдир Мени эслаши Мендан бирор нарса сўрашидан банд қилиб қўйган бўлса, Мен унга сўровчиларга ато қилганимдан кўра яхшироқ нарсаларни бераман”. Зотан, дуо ижобат бўлишининг сабабларидан бири ҳам дуони Аллоҳга ҳамду сано билан, Уни улуғлаш билан бошлашдир.

46. (Эй мўминлар), сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат чиройли йўсинда мужодала-мунозара этинглар ва: «Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизларга нозил қилинган нарсага имон келтирдик, бизларнинг илоҳимиз ва сизларнинг илоҳингиз бирдир, бизлар Ун-гагина бўйсунувчимиз», денглар.
Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтяптики, Аҳли китобларнинг сизларга зулм қилганларидан бошқаларига чиройли муносабатда бўлинглар, улар билан мунозара ва тортишувларда ҳаддан ошманглар. Уларга “Бизлар ўзимизга нозил қилинган Қуръонга ҳам, сизларга нозил қилинган Таврот ва Инжилга ҳам имон келтирдик, чунки бизларнинг ҳам, сизларнинг ҳам илоҳларингиз бирдир, буюк ва қудратли яратувчи Аллоҳ азза ва жалладир, бизлар фақат Унгагина бўйсунамиз” деб айтишни буюрмоқда.
Аллоҳ таолонинг расуллари ва набийларига нозил қилган китобларига ишониш имоннинг шартларидан биридир. Аллоҳ таолонинг ҳамма китоблари Унинг каломи (сўзи) ва ваҳийдир, махлуқ эмасдир. Уларнинг ҳаммаси бир каломдир, назм, ўқиш ва эшитиш жиҳатидан бир нечтадир. Бу эътибордан нозил бўлган китобларнинг энг афзали Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони каримдир. Илоҳий китобларга имон келтириш мусулмонларга фарз қилинган.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссакломни яратганидан бошлаб пайғамбарларга саҳифалар ёки китоб тушириб, инсониятга ўз хукм ва қайтариқларини етказган. Илоҳий китобларнинг бирортасини инкор қилган киши кофир бўлади. Бошқа илоҳий китобларга имон келтириб, Қуръони каримни инкор этувчи киши ҳам кофир бўлади. Зеро, илоҳий китоблар ўзидан олдинги китобни тасдиқловчидир, Аллоҳ таоло инсониятнинг камолот даражасига қараб олдинги ҳукмларига ўзгартишлар киритган, холос. Аввалги пайғамбарлар етказган ҳукмларни (шариатни) кейин келган пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан бекор қилишган. Бунга Исо алайҳисса-ломнинг ўз умматига: «Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. Ўзимдан олдинги Тавротни тасдикловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад (Муҳаммад) исмли пайғамбар ҳаҳида хушхабар (башорат) етказувчиман» (Саф, 6) деган сўзлари далилдир.
Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига китоблар туширганига умумий имон келтиришади. Бу китобларнинг ҳақиқий сони ва исмларини Аллоҳ билади. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Қуръони каримда баъзи бир илоҳий китобларнинг номини айтган. Булар: 1. Иброҳим ва Мусога (алайҳимуссалом) туширилган ваҳийлар тўплами «Саҳифалар»дир. Уламоларнинг айтишларича, улар айрим варақлар кўринишида бўлиб, китоб даражасига етмаган. Мўмин-мусулмон киши Аллоҳ таоло Иброҳим ва Мусога (алайҳимуссалом) саҳифалар туширганига жазм ила имон келтириши лозим. 2. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга Забур номли китобни туширган. «Забур»нинг луғавий маъноси «Мактуб», яъни, «Ёзилган» деганидир. Мўмин-мусулмон киши Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга Забурни туширганига жазм ила имон келтириши лозим. 3. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Таврот китобини нозил қилган. Таврот сўзи иброний тилида «таълим» ёки «шариат» маъносини англатади. Тавротнинг асли йўқолган, унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло Исроил авлодларини илоҳий каломни давомли равишда бузиб келганларини бизларга билдирган. Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Таврот китоби туширганига имон келтирадилар. 4. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга Инжил китобини нозил қилган. Исо алайҳиссалом замонида Инжил китоб шаклида бўлмаган, ҳеч ким ҳеч нарса ёзмаган. У кишининг вафотидан кейин баъзи кишилар ўзлари китоб ёзиб, «Мана шу Инжил менга ваҳий қилинди, мен ёзиб олдим», деган даъво билан чиқишди. Секин-аста «ваҳий қилинган» Инжиллар тобора кўпайиб бораверди. Узоқ талашув-тортишувлардан кейин уларнинг ичидан ишончли туюлган Матто, Маркос, Лука ва Юҳанно ёзган тўртта Инжил танланди.
Ҳозирда насоролар эътиқод ва амал қиладиган муқаддас китоблари мана шу тўрт Инжилдир. Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таоло Исога алайҳиссаломга Инжил китобини туширганига имон келтиришади. Барча самовий китобларни Аллоҳ таоло нозил қилган. Шундай бўлгач, уларнинг барчасига баробар имон келтириш ҳар бир мусулмон имонининг ажралмас қисмидир. Агар бир инсон Қуръонга ва бошқа китобларга имон келтира туриб, улардан бирортасини инкор этса, мўмин-мусулмон ҳисобланмайди.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган Аҳли китобларнинг “Зулм қилганлари” деганда уларнинг хоҳ яҳудий, хоҳ насроний бўлсин, ўзларига келган илоҳий таълимотларни бузиб, Аллоҳга ширк келтирган, соф ақидани ўзгартирганлари тушунилади. Демак, улар билан яхши услубда баҳслашишга ўрин йўқ, чунки улар золимлардир. Аммо ўзларига келган илоҳий таълимотларни бузмай, қандай бўлса, ўшандай эътиқод ва амал билан келаётганларга нисбатан яхши услуб ва гўзал муносабат билан муомала қилинади. Чунки Аллоҳ таоло қадимдан бирин-кетин китоблар нозил қилиб, инсониятни тарбиялаб келмоқда. Бир китобни нозил этиб, у билан маълум муддат кишиларни тарбиялаб, у китобга қўйилган - юклатилган вазифа адо қилингач, ўрнига бошқа янги китоб нозил қилиб, олдингисини амалдан қолдириб келди.

47. (Эй Муҳаммад), шу каби сизга ҳам Китоб нозил қилдик. Биз китоб берган кишилар унга имон келтиришади. Анавиларда ҳам унга имон келтирадиганлари бор. Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор этишади.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга айтяптики, Аҳли китобларга нозил қилганимиз каби сизга ҳам самовий китобни - Қуръони каримни нозил қилдик. Сизнингумматингиз ушбу Китобимизга сўзсиз имон келтиришади ва уни ҳаётларида дастур қилиб олишади. Аҳли китоблар орасида ҳам Биз нозил қилган Қуръони каримга имон келтирадиганлари бор. “Анавилар”да ҳам, яъни араб мушриклари орасида ҳам баъзилари Қуръонга имон келтиришади. Китобга фақат куфр эгаларигина имон келтиришмайди, куфрлари сабабли Китобни инкор қилишади, ёлғонга чиқаришади, унинг таълимотларидан ғафлатда ўтиб кетишади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг элчи ҳам, пайғамбар ҳам, Қуръони каримдан кейин бошқа илоҳий китоб ҳам келмаслиги аниқ ҳақиқат! Ушбу ҳақиқатни ҳамма яхши билиб олиши лозим.

48. Унгача бирор китобни тиловат қилмас эдингиз ва қўлингиз билан уни ёзмас эдингиз. Акс ҳолда бузғунчилар албатта шубҳага тушган бўлишарди.
Яъни, Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилгунига қадар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа бирорта самовий китобни тиловат қилмаганлар, ўз қўллари билан бирор китобни ёзмаганлар. Дин душманларининг “Куръонни Пайғамбарнинг ўзи ёзган” деган сўзлари туҳматдан бошқа нарса эмас. Чунки у зот Аллохлинг иродаси ва ҳикматига кўра болаликдан ўқиш-ёзишни ўрганмаганлар. Ислом уламоларининг “Қуръони каримни Муҳаммад алайҳиссалом ёзмаганлар” деб тасдиқлашларининг боиси шуки, Куръон ўзининг ифодали баёни, чуқур фикр ва мўъжизалари, тилининг гўзаллиги, ўхшатишларга бойлиги, фасоҳати ва балоғати билан инсон томонидан ёзилиши мумкин эмас. Бунинг устига Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни ўрганмаганлари, маданиятли жамиятда бўлмаганларини, Арабистон жазирасини тарк этмаганларини қўшсак, Қуръонни у кишининг ёзишлари мутлақо ақлга сиғмай қолади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Аллоҳ юборганини рад қилувчиларга қарата шундай дейди: “Балки ўзи тўқиган дейишар?! (Эй Муҳаммад): «Агар рост айтаётган бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга барча бутларингизни ёрдамга чорлаб бўлса-да, шунга ўхшаш битта сура келтиринглар-чи!» денг” (Юнус, 38). Яъни, жинларни, фаришталарни, энг номдор олимларни ёрдамга чақириб ҳам Қуръон суралари каби бирор сурани тўқиб кўринг-чи!
Бу чорлов-чақириқ бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотмаган, чунки ҳалигача ҳеч ким бундай нарсани ярата олмади. Агар Қуръон ҳақиқатига назар соладиган бўлсак, Муҳаммад солллалоху алайҳи васаллам Қуръонни ёза олмасликлари аниқ бўлади. Биринчи-дан, агар у зот Қуръоннинг муаллифи бўлганларида, унда ўз қайғу, ташвишларини акс эттирардилар ва бунинг ҳасратлари Қуръон матнида изини қолдирган бўларди. Сийрат китобларидан маълумки, бир йил ичида у зот алайҳиссалом ўзларига таянч-ҳамнафас бўлган ҳам суюкли завжаларидан, ҳам амакиларидан жуда бўлдилар. Улардан бошқа ҳаётда қўллайдиганлари, суянчиқлари йўқ эди, уларни йўқотиш Пайғамбаримиз учун улкан мусибат бўлди. Лекин шунга қарамай, Қуръонда бу воқеага нисбатан озгина ишора ҳам йўқ. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўғиллари Иброҳим ҳам ёш вафот этиб кетди, лекин бу оғир йўқотиш тўғрисида ҳам Қуръонда бир оғиз сўз йўқ. Қуръон Пайғамбаримиз шахсий ҳаётларини четлаб ўтган. Аммо буларга қарамай, Қуръонда гоҳида Пайғамбаримизнинг ҳаракатлари, қилиқлари туфайли танбеҳ берилган оятлар ҳам келган. Масалан, Абаса сурасида зикр қилинишича, у зот бир ожиз саҳобанинг гапига кулоқ солмай, қурайшликларга ўгирилиб олганларида Қуръон у зотга таъна қилиб, дашном берган. Гоҳида Қуръон Пайғамбар алайҳиссаломнинг баъзи ишларини маъқулламай, мало-мат ҳам қилган. Ўқиш-ёзишни ўрганмаган одам Қуръондек мўъжиза Китобни қирқ ёшидан кейин бирдан тиловат қилиб, кишиларга етказа бошлаши бунинг оддий иш эмаслигига ёрқин далилдир. Чунки Қуръондаги таълимотлар, ундаги маълумотлар инсон тўқиб айтадиган жўн гаплар эмас. Бу Китобнинг ўқиш ва ёзишни билмаган инсон томонидан тиловат қилиниши эса унинг илоҳий эканига ҳеч шубҳа қолдирмайди. Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиш ва ёзишни ўрганмаганлари у киши учун ҳам зийнат, ҳам мўъжизадир. Агар ўқиш-ёзишни билган бўлганларида атрофларидаги ботил эътиқод аҳллари шубҳага тушган, “Бу киши ўқиш-ёзишни билгани учун айтаётганларини бирор китобдан ўқигандир, бирор устоздан ёзиб олгандир» деб, Қуръоннинг илоҳий Китоб экани ҳақида шубҳага тушган бўлишар эди.

49. Йўқ! У илм берилганларнинг дилидаги аниқ оятлардир. Бизнинг оятларимизни золимларгина инкор қилишади.
Яъни, Қуръони каримдан аввалги бошқа китоблар ёд қилинмас эди. Ушбу Китоб эса ёд қилиниши билан боқийдир. Шундай самовий Китоб бўлмиш Қуръони карим инсон томонидан тўқиб ёзилган бўлиши мумкинми? Асло! Шунинг учун унинг илоҳий Калом эканига мутлақо шубҳа бўлиши мумкин эмас. Қуръон илм берилганларнинг, яъни мўмин-мусулмонларнинг қалбларига жо бўлган очиқ-ойдин оятлардир. Ушбу Китобнинг оятлари очиқ-ойдин илоҳий оятлар эканини англаб етиш учун эса инсон илмли бўлиши зарур. Илм берилмаган жоҳил кимсалар илоҳий калом билан инсон сўзининг фарқига боришмайди, ҳақ ва ботилни ажрата олишмайди, нодонликлари сабабли Аллоҳ таолонинг оятларини инкор қилиб, ёлғонга чиқаришади. Илоҳий даъватни эшитмаслик учун қулоқларини беркитиб олаётган кимсаларнинг дилини Аллоҳнинг Ўзи очмаса, бундайларга илоҳий китоблар ҳам, пайғамбарлар ҳам, тинмай қилинадиган амри маъруфлар ҳам ёрдам бермайди. Аллоҳ таоло айтадики, Унинг раҳматини истаган ҳар бир кишига мағфират беради ва Аллоҳнинг Ўзи қилаётган ишлари учун эса ҳеч кимга ҳисоб бермайди. Гоҳида Аллоҳ таоло Ўз донишмандлиги билан бировни огоҳлантиради, бошқасининг энг суст имонини ҳам қабул қилиб, гуноҳларини кечади. Ким билсин, эҳтимол хилватда яшаётган бир ёввойи занжининг Аллоҳдан қўрқиб, кўкка термулган ягона нигоҳи барча ибодатларимиздан кўра афзалроқдир? Илоҳий ҳақиқатдан чекиниб, ботилга эргашганлар золим бўлмай, ким золим бўлсин?! Фақат золим бўлганларгина, ҳақни танимай, тан олмай, жоҳилларча Қуръон оятларини - Аллоҳ таолонинг сўзларини инкор қилаётганларгина ҳақиқий золимлардир.

50. Улар «Унга ҳам Парвардигоридан мўъжизалар туширилса эди», дейишди. Сиз «Мўъжизалар Аллоҳнинг ҳузуридадир, мен эса фақат очиқ огоҳлантирувчиман», денг.
Яъни, Аллоҳ таолонинг Пайғамбари илоҳий ваҳийларни баён қилиб турса ҳам кофир кимсалар унинг сўзларига қулоқ осиш ўрнига қайсарларча инкор қилишга ўтишади. “Олдинги пайғамбарларга берилгани каби бунисига ҳам Парвардигоридан мўъжизалар туширилганида унинг айтганларига ишонган бўлардик” деган баҳоналарни ўйлаб топишади. Йўқ, унга ҳар қанча мўъжизани туширсак ҳам имонга келишни ўйлашмайди, Пайғамбарнинг даъватларини ёлғонга чиқариб туришаверади. Чунки уларнинг қалблари муҳрланган, кўзларини ғафлат пардаси қоплаган, қулоқлари ҳақни эшитмайдиган даражада том битган. Қолаверса, эй Пайғамбарим, мўъжиза кўрсатиш сизнинг ишингиз ҳам эмас, уларга: “Мўъжизалар фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир, мен сизларга мўъжиза келтиришга вакил ҳам қилинмаганман, мен фақат сизларни Аллоҳнинг азоби ва жазосидан огоҳлантирувчиман”, деб айтинг. Дарҳақиқат, мўъжизалар фақат Аллоҳ таолонинг ҳузуридандир, уларнинг тасарруфини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади. Қачон керак бўлса, ўшанда нозил қилади. Кимга керак бўлса, ўшанга нозил қилади. Қанча керак бўлса, шунча нозил қилади.

51. Уларга тиловат қилинаётган ушбу Китобни сизга нозил этганимиз улар учун етарли эмасми?! Бунда имон келтирадиган қавм учун албатта раҳмат ва эслатма бордир.
Яъни, эй Пайғамбарим, сиздан алоҳида мўъжиза туширилишини талаб қилаётган Макка мушриклари шунчалар нодонликка боришадими? Ахир, улар атрофларига боқмайдиларми? Борлиқда Бизнинг мўъжизаларимиз тўлиб-тошиб ётибди-ку! Бирор ҳарфи ўзгармай қиёматгача боқий қолувчи, ҳукми барча замонлар ва маконлар учун бирдай таъсир ўтказувчи Қуръони каримни сизга нозил қилганимизнинг ўзи ҳақиқий мўъжиза эмасми? Эътироз билдирувчиларни қаноатлантириш учун мўъжиза кўрсатиш лозим бўлса, ҳар куни, ҳар соатда Ер юзидаги миллионлаб мўминлар тинмай тиловат қиладиган, ёд оладиган, ҳаётини тартибга солишда уни дастур қилиб оладиган Қуръонни нозил қилганимиз мўъжизаларнинг мўъжизаси эмасми?
Қуръони каримдаги раҳматдан баҳраманд бўлиш учун, ундаги барча ваъз-насиҳатлардан эслатма олиш учун кишида имон бўлиши керак. Имонсизлар қаршисида улкан мўъжиза турса ҳам «Пайғамбарга Парвардигоридан мўъжизалар нозил қилинса эди» деб кўзларини лўқ қилиб туришаверади. Қуръоннинг сўзлари ўзининг мутлоқ ҳақиқати билан ҳақдир, айни пайтда энг улуғ тадқиқотчи олим ҳам фақат нисбий ҳақиқатга эришиши мумкин. Ҳар бир киши ҳам ҳақиқатни ўз нуқтаи назари орқали кўради ва унинг барча тасаввур-тушунчалари чекланган ҳамда кунба-кун, асрма-аср ўзгариб турадиган бўлади. Ҳар биримиз ҳаётнинг маълум бир томонинигина ўрганишга қодирмиз, бошқа йўналишларни қамраб олиш ва ёритишга кучимиз етмайди. Бизнинг танлаб олинган йўналишдаги эришганларимиз нисбий илм бўлади. Ҳар томонлама билимга ва ҳамма нарсани қамраб олишга фақат ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигина қодир. Ёлғиз Угина мутлоқ ҳақиқат, мутлоқ илмга ва эришиш қудратига эгадир. Шунинг учун биз “Қуръон - Аллоҳдандир” деймиз, шунингучун “У ҳар бир нарсада мутлоқ ҳақиқатга эришган”, деймиз.

52. «Сизлар билан менинг орамизда гувоҳликка Аллоҳ кифоядир. У осмонлару Ердаги нарсаларни билади. Ботилга имон келтириб, Аллоҳга куфр келтирганлар - ана ўшалар зиён кўрувчилардир», деб айтинг.
Аллоҳ таоло маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, Ўз ваҳийларини ёлғонга чиқараётган, Пайғамбар билан тортишиб, унга итоатсизлик кўрсатаётган кофирларга қарата шундай дейишни буюрмоқда: “Сизлар билан менинг орамизда улуғ Парвар-дигорнинг ўзи гувоҳликка кифоядир. Сизлар Аллоҳга куфр келтириб, аслида ботилга, шайтонга имон келтиряпсизлар. Охиратда бу қилмишларингиз учун энг кўп зиёнга учрайдиган сизлар бўласизлар”. Яъни, эй Пайғамбарим, кофирлар билан тортишиб ҳам ўтирманг, бундан юрагингиз сиқилмасин ҳам. Уларга инкор қилиб бўлмайдиган гувоҳни келтирнг, улар билан ўзингиз орасида Мени гувоҳликка танланг. Кимнинг дилида қандай ўй-фикри бўлганига, нияти нималигига, у дин душманими, мусулмонларга нима ёмонликларни режалаяпти, буларнинг ҳаммасини Биз яхши биламиз. Рисолатимизни ёйиш учун сизни Пайғамбар қилиб юборганимизни ҳам, инсониятга дастур қилиб Қуръони каримни ҳам нозил қилганимизни Ўзимиз яхши биламиз. Буларнинг ҳаммасига Ўзимиз гувоҳдирмиз. Ваҳий-ларимизни инкор қилаётганларнинг ботил аҳли эканига ҳам Ўзимиз гувоҳлик берамиз. Улар ҳар томонлама зиён кўришади. Бу дунёда ҳам зиён кўрганлари етмай, охиратда, эртаси бўлмайдиган, тавба қилишга имкон берилмайдиган кунда ҳам энг катта зиёнкор бўлиб қолишади. Ҳаммага яхши аёнки, ботилга эргашиб, Аллоҳга куфр келтириш ҳеч қачон, ҳеч кимга заррача фойда келтирмаган.

53. Улар сиздан азобни тезлатишни талаб қилишади. Агар белгиланган муддат бўлмаганида уларга албатта азоб келган бўлур эди. У уларга тўсатдан, улар сезмаган ҳолда келади.
Ҳақ йўлдан адашганлар гумроҳликларига бориб, ҳидоят йўлини тополмаётганлари бир ёнда қолиб, ўзларининг бу қилмишларини турли сафсаталар билан хас-пўшламоқчи бўлишади. Улар “Агар бизлар ботил йўлда бўлсак, унда Аллоҳ нега бизларни жазоламаяпти, ваъда қилган азобини тезроқтуширмаяпти” деб ўз ҳалокатлари сари ошиқишмоқда. Ҳолбуки, ҳамма нарсага қодир Аллоҳ ҳар бир нарсага муайян вақт белгилаган, муҳлат қўйган. У Зот бунда бошқаларнинг тавсияси, маслаҳатига муҳтож эмас: азоби ва жазосини қачон юборишни Ўзи билади. Аммо Унинг азоби келганида ҳеч бир гуноҳкор банда ундан қочиб қутулишга имкон топмайди, жазони енгиллата олмайди. Эй Пайғамбарим, кофирлар ўзларига ваъда қилинаётган азобни тезроқ келтиришингизни сиздан талаб қилишяпти. Бунинг сабаби шуки, улар бу шошқалоқликлари билан сизни ожиз қолдирмоқчи, мот қилмоқчи бўлишяпти. Шу нарса аниқки, улар азобнинг келмай туришида ҳикматлар борлигини англашмаяпти. Аллоҳ таоло бирор ишни беҳикмат қилмайди, кофирларга ваъда қилган азобни тезлатмаганининг ҳам бир қанча ҳикматлари бор. Айни пайтда Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг, шу жумладан, кофирларга туширадиган азобининг муддатини ҳам олдиндан белгилаб қўйган. Шу муддат етганида, азоб ҳам келади. Азобнинг талаб қилинган заҳоти келмаслиги унинг умуман келмаслигидан хабар бермайди. Азоб келгани-да эса, уни тезлаштиришни талаб қилганлар қаёққа қочишни, ундан жонларини қандай асрашни билолмай, дод-фарёд чекканларида Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини тушуниб оладилар.

54. Улар сиздан азобни тезлаштиришни талаб қилишади. Ҳолбуки, дўзах кофирларни албатта ўраб олувчидир.
Куфр аҳлининг ҳолини кузатсангиз, уларнинг нима хоҳлаётганини билиш ҳам қийин. Ўзлари имонсизликлари туфайли жаҳаннам қаршисида туришибдию, яна Аллоҳнинг Пайғамбарини калака қилиб, ундан устларига келадиган азобни тезлаштиришни сўрашлари қизиқ. Дунё ҳаётида кофирликнинг қийноқ-машаққатларини тортганлари етмай, энди охиратдаги азобларга ошиқишларини нима деб изоҳлаш мумкин? Эй куфр келтирганлар, азобга ошиқиб, уни тезлаштиришни талаб қилганларинг нимаси? Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, азоби нақд, унинг бунчалик тезлашишини кутиб, нимага эришмоқчисизлар? Дўзах оловлари ҳамма томонингиздан ўраб келишининг ўзи энг катта мусибат эмасми?

55. У Кунда азоб устларидан ҳам, оёқлари остидан ҳам уларни ўраб олади ва (Аллоҳ): «Қилмишларингизнинг жазосини тотинглар!» дейди.
Эй куфр аҳли, сизлар келишини кутган ва тезлаштиришни сўраган қиёмат кунининг, азоб кунининг келганига гувоҳ бўлганингизда ҳолингиз не кечаркин? Аллоҳнинг азоби ҳар томонингиздан - устингиздан ҳам, оёқларингиз остидан ҳам ўраб олиб, ҳамла қилиб турганида энди нима дея оласиз? Шунда Аллоҳ азза ва жалла: “Мана сизлар ишонмаган, калака қилган қиёмат келди, азобимизга гирифтор бўлдингиз, энди дунё ҳаётидаги барча ёмон қилмишларингизнинг жазосини бир тотиб кўринглар” деганида сизлар нима деб жавоб қиларкансиз? Аллоҳнинг иқоби ва жазоси бошингизга келишига асло шубҳа бўлиши мумкин эмас, у муқаррардир. Сизлар ҳозир мўмин-мусулмонларга тазйиқ ва азоблар бериб, қилмишларимиз жазосиз қолади, деб ўйлаётган бўлсангиз, қаттиқ адашасиз. Дунёда ҳеч бир зулм ёки адолатсизлик жазосиз қолмайди. Бугун сизлар имон эгаларига азоб бериб ҳузурланаётган бўлсангиз, эртага бу қисмат сизларнинг бошингизга келиши аниқ. Бу дунёнинг қийноқ ва азобларига бир амаллаб чидаса бўлар, аммо охиратдаги Аллоҳнинг азоб-қийноқларига бирор жон эгасининг бардош бериши жуда мушкул ишдир.

56. Эй имон келтирган бандаларим, Менинг ерим кенгдир, Менгагина ибодат қилинглар.
Кофирларнинг чексиз озор, азоб-қийноқларига сабр қилиб, имонларида собит турган мўмин-мусулмонларга эса Аллоҳ таоло бундай хитоб қилади: “Эй имон келтирган бандаларим, Менинг ерим кенг, шу боис хоҳлаган жойингизда фақат Менга ибодат қилинглар”. Қуртубий тафсирида келишича, Маккада турган мусулмонлар кофирларнинг таъқибларидан жон асраш учун Мадинага ҳижрат қилишда иккиланиб қолганларида ушбу оят нозил бўлган.
Аллоҳ таоло имон келтирган бандаларига хитоб қилиб айтмоқдаки, эй мўминлар, агар кофирлар сизларнинг имонингизга, жонингизга дахл қилаётган бўлишса ёки сизларни имон масаласида танг аҳволга солиб қўйишса, Менинг ерим кенгдир. Хоҳлаган жойингизга кўчиб, имон-эътиқодингизни муҳофаза қилинг, имон учун, дин-диёнат учун тортаётган азоб-уқубатларингизни бироз бўлса-да, енгиллатинг. Сизлар Менинг бандаларимсиз, имонингиз туфайли Менга энг яқин инсонларсиз. Ернинг ҳаммаси Меники, унинг хоҳлаган қисмида истиқомат тутишингиз мумкин. Сизларнинг қайси юртда яшашингизнинг аҳамияти йўқ, қаерда Менга ибодат қилишга имкон бўлса, ўша жой Мен учун севимлидир. Асл бандалик шуки, Аллоҳнинг ибодатига халал берувчи ҳар бир нарса Аллоҳ йўлида қурбон қилинади. Ушбу оятда Макка мушрикларининг тазйиқ ва озорларидан азоб чекаётган мўминларга Маккани ташлаб, ҳижрат қилишга даъват бор эди. Биринчи муҳожирларнинг ҳижратларидан кейин кофирлар яна ҳижрат қилмоқчи бўлган мусулмонларнинг йўлларини тўсиб, уларни ўлдириш пайида бўла бошладилар. Ҳижрат сабабли вужудга келадиган она ватан, бола-чақа, ёру дўст соғинчи устига жоннинг хавф-хатар остида қолиши ҳам қўшилди.

57. Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир, сўнгра Бизга қайтариласизлар.
Қуръони каримнинг кўпгина оятларида зикр қилинганидай, қимирлаган жон борки, албатта ўлим шарбатини тотади, бир куни келиб фоний дунёни тарк этади. Ҳар бир банданинг ажали етгач, унинг вафот этиши ҳақ. Ҳар бир банда ўлимидан қочиб, қутула олмайди. Лекин ўлим билан ўлимнинг фарқи бор: кимдир имонли ҳолида, солиҳ амаллар қилган ҳолида ўлим топади. Яна бошқаси кофир ҳолида, Аллоҳга имон келтирмай ўлиб кетади. Аллоҳнинг синовларига дош бера олмай, аввал имонга келиб, сўнг динидан қайтиб муртад бўлиб кетганлар ҳам барибир бир куни ўлади. Одамлар орасида мунофиқлик қилиб, шу ҳолида ўтиб кетадиганлар қанча. Аллоҳнинг динига душманлик қилиб, одамларни диндан чалғитадиганлар ҳам дунёда мангу яшаб қолмайди. Пайғамбар алайҳисса-лом ва асри саодатдаги мўминлар каби Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилган, машаққатларга учраган, ватани ва яқинларидан фироққа тушганларнинг ўлимлари эса тамоман бошқача. Ҳамма барибир ўлим топганидан, Парвардигорига қайтганидан кейин ҳеч нарсадан қўрқмай Аллоҳнинг йўлида ҳаракат қилиш, Унинг синовларига бардош бериш, машаққатларига сабр қилиш мўмин кишининг вазифасидир.

58. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни жаннатда остидан анҳорлар оқиб турган манзилларга жойлаштирамиз. Улар у ерда мангу қолишади. Амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!
Аллоҳ таолога ва Унинг Пайғамбарига имон келтирганларни охиратда барча инсонлар ҳавас қиладиган гўзал оқибат, остидан ҳамиша анҳорлар оқиб турадиган абадий ором ва фароғат манзил-лари - гўзал жаннатлар кутиб турибди. Жаннат Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига ваъда қилган ва Қуръонда “...кенглиги осмонлар ва Ернинг кенглиги каби” деб таърифланган абадий саодат ва неъмат боғларидир. Ибн Саъд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кумуш ва тилла ғиштлардан, лойлари хушбўй мушкдан бино қилинган, майда тошлари гавҳар ва зумраддандир”, деганлар. Мусулмон уламолар жаннатни кўп табақали дейишади. Абу Ҳурайра розияллоху анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннат юз табақадан иборат, ҳар бирининг ораси юз йиллик йўл”. Абу Разин ал-Уқайлий ривоят қилган ҳадисда “Жаннат аҳлларида фарзанд туғилмайди” (Термизий ривояти), дейилган. Бу ҳадис яна бир марта юқорида келтирилган далилларни қувватлаб, жаннатда (ёки дўзахда) бўлиб ўтадиган барча нарсаларни инсон ўрганган ердаги ҳодисаларга ўхшатиб тушунмаслик лозимлигини таъкидлайди. Мўмин бандалар жаннатда мангу қолишади ва солиҳ амал қилувчиларнинг мукофоти ўлароқ у ерда роҳат-фароғатда абадий ҳаёт кечиришади.

59. Улар сабр қилган ва Парвардигорларигагина таваккул қилувчилардир.
Яъни, ҳақиқий мўмин тилда имон калимасини айтиш билангина кифояланиб қолмайди, балки Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларига, мусибат ва машаққатларига сабр қилади. Ҳар ишда фақат Парвардигорининг Ўзигагина таваккул қилади, Унгагина суянади, барча ҳожатларини Ундангина сўрайди. Айни пайтда қилган яхши амаллари эвазига Аллоҳ таоло ваъда қилган мукофотлардан, жаннатдан олиймақом жойларни ато этишидан умидвор бўлади. Мўмин банда бу улуғ неъматга имон ва дину диёнат йўлидаги машаққатларга, азоб-уқубатларга ва синовларга бардош бергани учун, ҳамма ишда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина таваккул қилгани учун сазовор бўлади. Яхши амаллар ўз эгаларини ана шундай улкан мукофотларга эриштиради. Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда, оч кетиб тўқ қайтадиган қушдек ризқланган бўлур эдингиз», дедилар» (Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти).

60. Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчалаб жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам ризқни Аллоҳ беради. У эшитувчидир, билувчидир.
Атрофингизга қаранг, борлиқдаги махлуқотларнинг кундалик емиши ҳақида тафаккур қилиб кўринг. Осмонда чарх ураётган қушлар ҳам, денгиздаги балиқлар ҳам, ўрмондаги ҳайвонлару ердаги майда ҳашаротлар ҳам - ҳаммаси ҳар куни Аллоҳ берган ризқини топиб ейди. Ҳеч эътибор берганмисиз: уйингизга уя қурган қалдирғоч инидаги палапонларини овқатлантириш учун кунига юзлаб марта ҳавога парвоз қилади. Унга кимдир емиш тайёрлаб турмаган, ёки фалон жойда ҳашарот кўп деб маълумот ҳам бермаган. Ҳар гал у емиш излаш учун таваккал қилиб кўкка кўтарилади. Ва ҳар гал ноумид қайтмайди. Тумшуғида қандайдир луқма-емак бўлади. Дарҳақиқат, яхшилаб ўйлаб кўрилса, кўпгина жонзотлар ризққа муҳтож бўлганида уни тановул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ризқни ўзи билан кўтариб ҳам юрмайди. Ўзига ризқ жамғармайди ҳам. Фақат ризқ керак бўлганида, уни тановул қилади, холос. Аммо бирортаси ризқ тополмай, оч қолмайди, ризқсиз ўлим ҳам топмайди. Фақат инсонгина ризқ тўплашни, ғамлашни одат қилган. Инсонлар одатда кунлари яхши ўтмаслигидан, ризқлари камайиб ёки тўхтаб қолишидан, турмушлари ёмонлашувидан ва рўзғорларининг кемтик бўлишидан ҳамиша ҳадикда яшашади. Ҳамма ана шу кемтикларни тўлдириш учун эртадан-кечгача зир югуради. Ҳаётини яхшилаш учун бутун билими, заковати, бойлиги, салоҳиятини сарфлайди. Бу йўлда ақл бовар қилмайдиган «тадбир»ларга, ҳийла-найрангларга ҳам боради. Оқибатда «ризқ ахтариб» руҳий хотиржамликдан, оилавий фароғатдан, маънавий камолотдан маҳрум бўлади. Илоҳий таълимотлардан бехабар бўлган кўпгина одамлар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат, деб ўйлайдилар. Улар ўзларича, ризқни ўзимиз топяпмиз, деб гумон қилишади. Барча махлуқотга ризқни Аллоҳ таоло беради. Унда бошқа ҳеч бир зот Ер юзидаги жонзотларнинг ҳатто бир кунлик ризқини ҳам етказиб бера олмайди. Аллоҳ таоло уларнинг бу борада нима деяётганларини ҳам яхши эшитиб, билиб туради.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ алайҳисса-лом билан бирга кўчага чиқдик. У зот ансорийлардан бирининг боғига кирдилар. У ердан мева териб ея бошладилар ва: “Эй Ибн Умар, нима сабабдан емаяпсан?” дедилар. Мен: “Егим келмаяпти”, дедим. У зот: “Лекин менингегим келяпти. Мана шутонг ментаом емаган тўртинчи тонгдир. Агар хоҳлаганимда Парвардигоримга дуо қилар эдим, менга Кисро ва Қайсарнинг мулкича мол берарди. Эй Умарнинг ўғли, бир йиллик ризқини яшириб сақлаётган ва (Аллоҳнинг ризқ беришига) ишончи заиф қавм ичида қолганингда қандай бўлар экансан”, дедилар. Аллоҳга қасамки, ҳали жойимиздан қимирламаган эдик, “Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчалаб жонзотлар бор...” ояти нозил бўлди.

61. (Эй Муҳаммад), агар улардан: «Осмонлару Ерни яратган, қуёш ва ойни бўйсундирган ким?» деб сўрасангиз, «Аллоҳ», дейишади. Унда қаёққа ўгирилиб кетишяпти?
Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбарим, мушриклардан «Осмонлару Ерни ким яратган?» деб сўраб кўрингчи, улар нима деб жавоб қилишаркин? Албатта «Аллоҳ яратган» деб жавоб беришади. Яна улардан «Қуёш ва ойни бўйсундирган, Ўз измига солиб, инсонга беминнат хизматкор қилиб қўйган ким?» деб сўралганида ҳам «Аллоҳ» деб жавоб беришади. Аммо уларнинг жавоби шундай бўлса-да, ўзлари Аллоҳга эмас, бут ва санамларига ибодат қилишади. Бу ишлари ўта мантиқсизлик эмасми? Осмонлару Ерни яратган ҳам, қуёш ва ойни Ўз измига қаратган ҳам Аллоҳ эканини билиб туришса-да, ўша Зотга ибодат қилмай, қўлидан ҳатто чивинни яратиш ҳам келмайдиган ожиз ва нотавон сохта “илоҳ”ларга сиғиниб юришларини нима билан изоҳлаш мумкин? Бундан ортиқ ҳам гумроҳлик, калтабинлик, нодонлик бўладими? Улар бутун оламларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолога ибодат қилмай, қаёққа юз буриб кетишяпти?

62. Аллоҳ бандаларидан хоҳлаганининг ризқини кенг қилади ва танг қилади. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.
Ҳақиқатан Аллоҳ таоло бир бандасига ризқини кенг-мўл қилиб берса, бошқасиникини танг-тор қилиб қўяди. Аллоҳ таоло фақат Ўзи билган ҳикматга кўра бандаларига ана шундай тарзда ризқ ато қилади. Инсонга кенг ризқ берилгани ҳам, уни бунда тангликка солиб қўйилгани ҳам Аллоҳ таолонинг бир синовидир. Ризқи кенг бўлганида ўзидан ортганини эҳсон қилиш, танг ҳолатга тушганида сабр қилиш банданинг илоҳий имтиҳондан омон ўтиши воситасидир. Бир ривоятда бундай дейилган: «Эй одам боласи, агар заруратингдан ортиқчасини эҳсон қилсанг, ўзинг учун яхши. Агар бермасдан ушлаб қолсанг, ўзинг учун ёмон. Кифоя қилгудек ризққа қаноат қилсанг, маломат этилмайсан. Эҳсон қилишни ўз қўл остингдагилардан бошлагин»; «Кимнинг нафси омон, хотиржам ва жасади саломат ҳамда ҳузурида бир кунлик ризқи бўлса, гўёки дунёни тўлалигича ўзига бўйсундирибди». Дунёда ҳаммага ризқ берувчи ягона Розиқ - Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаганига кенг ризқ беради ва хоҳлаганига тор ризқ беради. Унинг ишига бошқа ҳеч ким аралаша олмайди. Шайх Саъдийнинг «Гулистон»ида шундай бир ривоят келтирилибди. «Бир саҳройи бадавийни кўрдим. У Басра заргарлари растасида шундай ҳикоя қилаётган экан: «Бир вақт чўлда кетаётиб йўлни йўқотиб қўйдим. Ёнимда бирор егулик қолмаган эди. Очликдан силлам қуриб, ўзимни ҳалокатга чоғлаб борар эдим. Ногаҳон бир ҳамён топиб олдим, қарасам, ичи тўла инжу-марварид. Уни кўтардиму қовурилган буғдой деб гумон қилганимдаги хурсандчилигимни ва завқимни ҳозиргача унута олмайман. Бироқ ҳамёнда буғдой эмас, марварид борлигини кўр-ганимдаги ноумидлик ва аччиғланишимни ҳам шу пайтгача эсдан чиқара олмайман».

63. Агар улардан: «Осмондан сув тушириб, у билан ўлик ерни тирилтирган ким?» деб сўрасангиз, улар: «Аллоҳ», дейишади. Сиз: «Аллоҳга ҳамд бўлсин!» денг. Йўқ, кўплари ақл юритишмайди.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, бордию мушриклардан «Осмондан сув тушириб, ўша сув билан қақраб, ўлик ҳолда ётган ерни ким тирилтиради?» деб сўрасангиз, «Аллоҳ» деб жавоб беришади. Бунга ўзларининг ақллари етиб турса ҳам лекин ўзлари Аллоҳга эмас, бут-санамларига ибодат қилишади. Аллоҳ таоло ушбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу саволни яна бир бор такрорлашни тавсия қилмоқда. Шу билан бирга, берган неъматлари эвазига Ўзига ҳамд-мақтов айтишни ҳам таълим бермоқда.
Дарҳақиқат, инсонларнинг Ер юзида экин-тикин қилишлари, тирикчиликларини ўтказишлари, умуман ҳаёт кечиришлари учун сув энг бебаҳо неъматдир. Агар Аллоҳ таоло бир йилгина ёғин ёғдирмай қўйса, инсонларнинг ҳоли не кечган бўларди? Кейин Ерни ёриб, уни ҳайдаладиган, унумдор, экин экишга қулай қилиб берган ҳам Аллоҳдир. Бу ҳам Унинг инсонларга берган энг яхши неъматларидир. Агар Ер юзи фақат тошлардан ё қум-оҳаклардан иборат қилиб қўйилганида уларнинг ҳоли не кечган бўларди? Аллоҳ таоло осмондан сув тушириб, Ер юзида дон-дунларни ундириб қўйганки, бу неъматдан нафақат инсонлар, балки қушлар, ҳайвонлар, барча жонзотлар ризқланади. Агар Ер ҳеч гиёҳ унмайдиган тап-тақир саҳродангина иборат қилиб қўйилганида инсонларнинг ҳам, барча жонзотларнинг ҳам ҳоли не кечарди? Ердан бирор гиёҳ унмай турса, инсон нима билан тирикчилик қиларди, қандай ҳаёт кечирарди? Агар гиёҳ унмаганида инсонлар дастурхонида нон, мева-чева, сабзавот, гўшт, сут-қатиқ ва бошқа неъматлар бўлармиди? Нега инсонлар бу ҳақда ўйлаб кўришмайди? Аллоҳ берган беҳисоб ва бебаҳо неъматларга шукр қилишмайди, неъматлар шукрини қилиш учун эса Парвардигорлари зикрини кўпайтиришмайди, Унга ҳамд-мақтовлар йўллашмайди, У Зотга тоат-ибодатда бўлишмай-ди? Йўқ, инсонларнинг аксарияти бу ҳақда фикр юритмайди. Агар озгина ўйлаб кўрганларида имонга келган, ана шу улуғ неъматларнинг Эгасини таниган бўлишарди. Агар озгина ақл юритганларида, ўз тиллари билан тан олган ҳақиқатга хилоф қилмас эдилар, бут ва санамларга эмас, Аллоҳга сиғинган бўлардилар.

64. Бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулгидир. Агар билишса, охират диёригина ҳақиқий ҳаётдир.
Бу фоний дунёнинг бор моҳияти қисқагина умрни ранжу кулфатлар ичра яшаб ўтиш, дунёнинг лаззат ва ўйин-кулгиларидан бироз баҳраманд бўлишдир. Агар инсонлар билишганида вақтинчалик қўниб ўтадиган жойларига бунчалар кўнгил қўймаган, абадий ҳаёт кечириладиган охират дунёсига тайёргарлик кўрган бўлишарди. Шу ўринда Ислом тарихида юз берган ибратли бир воқеани келтириб ўтиш ўринлидир. Қодисия жангидан бироз аввалроқ мусулмонлар қўшинининг қўмондони Саъд ибн Абу Ваққос Кисро Яздажурдага элчи юборди. У Кисрони Исломга даъват этиш учун бораётган элчиларга Нўъмон ибн Муқарринни бошлиқ қилиб тайинлади. Элчи-лар шаҳардаги Кисро пойтахтига етиб боргач, ичкари кириш учун рухсат сўради. Кисро изн берди. Сўнгра таржимонини чақиртириб: “Сўрачи, улар бизнинг диёримизга нима учун келибди? Қайси баҳонаи сабаб туфайли улар биз билан урушмоқчи экан. Эҳтимол, биздан бирор нарса таъма қилаётгандир? Айтгин, биз уларга тегинмадик; урушишни ҳам истамаймиз”, деди. Шундан кейин шериклари номидан сўзлаган Нўъмон Аллоҳга ҳамду сано, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар айтиб, гап бошлади: “Аллоҳ таоло бизга раҳм-шафқат қилиб, ўз элчиси - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. У бизга яхшилик ва ёмонлик нима эканини ўргатди. Бизни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарди. Шунингдек, у зоти шариф соллаллоҳу алайҳи васаллам агар биз кўрсатилган йўлдан юрсак, Аллоҳ таоло бизни дунё ва охират саодатига мушарраф бўлиш ваъдасини бердилар. Ҳеч қанча вақт ўтмай, Аллоҳ таоло биздаги камбағалликни бойлик, хорликни азизлик, душманликни дўстлик ва меҳр-муҳаббат туйғулари билан алмаштирди. Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар учун яхшилик бўлган нарсаларга чақиришни ва бу ишни ўз қўшниларимиздан бошлашни буюрганлар. Биз сизларни Ислом динини қабул қилишга даъват этамиз. Бу дин жамики яхшиликни ўзида мужассам этган бўлиб, инсонларни яхшиликка ундайди. Динимиз бутун қабоҳатларни инкор этиб, инсонларни унинг нохуш оқибатларидан огоҳ қилади. Бу дин имонли кимсани куфрнинг жабри ва зулматидан имоннинг адолати, ҳаловати ва нурига олиб ўтади”.

65. Кемага минишганида Аллоҳга, Унинг динига ихлос билан илтижо қилишади. Кутқариб, уларни қуруқликка чиқарганида эса, дарров ширк келтиришади.
Куфр ва ширкдагилар бир кемага чиқишса, унинг сувга чўкиб кетишидан қўрқиб, жонлари кўзларига кўрингани учун дарров Парвардигорларига илтижо қилишга ўтишади. Негадир сувда кетишаётганда ўзлари сиғинган бут-санамлардан ёрдам сўраш эсларига келмайди. Аммо Парвардигорлари нажот бериб, қуруқликка етганларини сезган заҳотлари яна ширк келтиришга ўтишади, дарров бут-санамларини эслаб қолишади. Ҳозиргина денгизда турганларида Аллоҳга ёлвориб, Ундан ёрдам сўраганлари, ўзларини Унинг паноҳига топширганлари эсларидан ҳам чиқиб кетади. Улар ана шундай субутсиз, соғлом мантиқни тан олмайдиган жоҳил кимсалардир. Ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси, тарбияткунанда-си, Ўз низомида тутиб турувчиси бўлган Аллоҳга қандайдир сохта “илоҳ”ларни шерик қилиш Унинг неъматлари ва марҳаматларига куфр келтиришдир.

66. Уларга берган нарсаларимизга ношукрлик қилишаверсин ва “фойдаланиб” туришаверсин, яқинда билиб олишади.
Яъни, инсонлар бошларига бирор мусибат ёки танглик тушсагина Парвардигорларини эслаб қолишади. Мусибатлари ариб, офиятга эришганлари заҳоти Уни унутиб қўйишади. Аллоҳ уларга беҳисоб неъматларни ато қилиб қўйса ҳам бунинг шукрини қилиш ўрнига Аллоҳга осийлик қилишади, Унинг тоати ва ибодатидан юз ўгириб кетишади. Майли, улар ҳозирча Парвардигорнинг муҳлат бериб қўйганидан, неъматларини беҳисоб қилиб берганидан фойдаланиб, бунинг шукрини қилиш ўрнига итоатсизлик қилишаверсин. Аллоҳ таолонинг айтганига юрмаганларидан кейин нима хоҳлашса, ўшани қилишаверсин. Аллоҳ берган неъматларга куфр келтириб, дунё матоҳларидан ҳузурланиб юришаверсин. Қиёматнинг келиши аниқ, охиратда барча амаллари учун ҳисоб беришлари муқаррар!. Ана ўшанда бу дунёдаги гумроҳликлари ўзларига нақадар қимматга тушганини, ғафлатда юравериб, икки дунё саодатини бой берганларини тушуниб олишади.

67. Атрофларидаги одамлар қирғинбарот бўлаётганида Биз уларга Ҳарамни омонлик жойи қилганимизни кўришмадими? Наҳот улар ботилга имон келтириб, Аллоҳнинг неъматини инкор қилишса?!
Маккаликлар Аллоҳнинг Уйи - Каъбатуллоҳ ҳурматидан ҳамиша тинчлик ва омонликда яшашар эди. Ваҳоланки, бутун Араб жазираси жангу жадаллар дарёсига ғарқ бўлган, арабларнинг жонлари ва моллари ҳар лаҳзада хатар остида турар эди. Лекин Макка аҳлининг Аллоҳ неъматлари шукрини адо қилиши учун, Парвардигорлари Маккани омонлик шаҳри қилиб қўйгани учун улар тинч ва осуда ҳаёт кечиришар эди. Ҳеч ким уларга тегмас, ҳатто ёмон кўз билан қарамас, балки шарафли Ҳарамнинг хурмати туфайли уларни ҳам улуғлар, эҳтиром қилар эдилар. Ҳарамнинг ичига яширинган одамнинг жони омон қолар, унинг ҳудудидан ташқаридагиларни эса хоҳлаган ўлдирар, хоҳлаган асир олиб қул қилар ёки мол-дунёсини тортиб олар эди. Аллоҳ таолонинг ана шундай улуғ неъматига сазовор эканларига қарамай, Макка аҳли имонга келмади. Бу ҳам етмагандек, Исломга қарши энг ашаддий душманга айланди. Шунинг учун ҳам оятнинг охирида уларга “Наҳот улар ботилга имон келтириб, Аллоҳнинг неъматини инкор қилишса?!” деб хитоб қилинмоқда. Байтул Ҳаром ва унинг атрофида ҳар хил гуноҳ-ёмонликлар, қон тўкишлар, уруш қилиш, ов овлаш, кўкатларни юлиш, дарахтларни кесиш-синдириш каби ишлар ҳаром қилингани учун у шундай ном олган. Бунда фақат Каъба атрофидаги Масжидул Ҳаромгина назарда тутилмайди, балки Маккаи мукаррама атрофидаги белгиланган муайян ҳудуд кўзда тутилади. Қуръони каримда: «Аллоҳ Каъбани - Байтул Ҳаромни одамлар учун тўғрилик асоси қилиб куйди», дейилган (Моида, 97).

68. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ҳақ келганида уни ёлғонга чиқаргандан ҳам золимроқ ким бор? Кофирларнинг жойи дўзахда эмасми?!
Турли ожиз ва бирор нарсани яратишга қодир бўлмаган бут-санамларни, бошқа сохта “илоҳ”ларни Аллоҳ таолога шерик қилиш У Зотнинг шаънига ёлғон тўқишдир. Ҳақ келганида, яъни ҳақ Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ва ҳақ Китоб Қуръони карим келганида буларни ёлғонга чиқариш энг катта гумроҳлиқцир. Дунёдаги энг золим кимса Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиб, Унга ширк келтирувчи ва ўзига келган ҳақни ёлғонга чиқарувчи одамдир. Бундай кимсаларнинг жойи эса абадий жазо макони бўлмиш дўзахдир. Куфр ва ширк эгалари қилмишлари учун дўзахда абадий азобланишга маҳкумдирлар. Тафсирларда айтишларича, бир тоифа уламолар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари шаънига ёлғон гапириш Ислом миллатидан чиқариб юборадиган куфр эканини тасдиқлашган. Ҳаромни ҳалол қилиш ва ҳалолни ҳаром қилиш борасида Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари шаънига ёлғон гапириш очиқдан-очиқ куфр эканида шубҳа йўқ. Бу ерда гап бошқа нарсаларда ёлғон гапириш хусусидадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Ким менинг номимдан қасддан ёлғон гапирса, ўзига дўзахдан жой ҳозирлаб олаверсин» (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти). Муғийра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Менинг номимдан ёлғон гапириш бошқа бировнинг номидан ёлғон гапириш билан бир хил эмас. Ким менинг номимдан қасддан ёлғон гапирса, ўзига дўзахдан жой ҳозирлаб олаверсин» (Муслим ва бошқалар ривояти).

69. Биз учун жиҳод қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этамиз. Аллоҳ албатта яхшилик қилувчилар биландир.
Яъни, Аллоҳни таниш, бунинг учун У Зотга яқинлашиш, у билан руҳий ва маънавий муносабатлар ўрнатиш мўмин кишининг энг муҳим вазифаларидандир. Аллоҳга яқинлашиш учун эса банда ўз нафсига, шайтонга, зулмга қарши қаттиқ уруш очиши, Аллоҳнинг йўлида бор имкониятларини ишга солиб, жидду жаҳд, ҳаракат қилиши лозим. Бундайларни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғри йўлга, яъни Аллоҳга яқинлаштирадиган ҳидоят йўлига бошлаб туради. Яхши амалларни қилганларни ёлғизлатмай, Парвардигорнинг Ўзи улар билан бирга бўлади, ёрдам ва нажот беради. Аллоҳнинг йўли энг тўғри, чинакам саодатга элтувчи йўлдир. Ким бу йўлдан чекинса адашади, залолатга кетади, бахтини бой беради. Аллоҳга элтувчи йўл атрофида турли майда сўқмоқчалар бор. Инсон гоҳо адашиб, йўлини йўқотиб ана шу майда йўлларга кириб кетиб қолиши мумкин. Агар инсон Аллоҳга чин имон билан юзланишни ирода қилса, Унинг Ўзигагина итоат ва ибодат қилишни ўйласа, ушбу майда сўқмоқлар охири уни катта ва тўғри йўлга, ҳидоят ва саодат йўлига олиб чиқиши мумкин. Бу ҳақиқатни мўминлар бир лаҳза ҳам унутмасликлари керак.

Орқага Олдинга