loader

024. Нур сураси

Мадинада нозил бўлган, 64 оятдан иборат

Қуръони каримнинг йигирма тўртинчи сураси номи Нурдир, Мадинада нозил бўлган, 64 оятдан иборат. Суранинг асосий мавзуи исломий жамиятдаги ахлоқ-одоб қонун-қоидаларидир. Унда жамиятни фисқу фасоддан тоза тутиш, насл-насабларни аралашиб кетишдан сақлаш, инсонларни ахлоқий тубанликдан асраш учун Аллоҳ таоло фарз қилган айрим жазо чоралари, жумладан зинокорликка ва туҳматчиликка қарши исломий чоралар зикр қилинади. Суранинг «Нур» деб номланишининг сабаби, биринчидан ундан Аллоҳ Еру осмонларнинг нури - ижодкори экани хусусидаги гўзал ояти карималар ўрин олгани, иккинчидан, инсонлар бахт-саодати учун нур каби зарур илоҳий аҳкомлар мавжудлигидир. Нур Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Нур моддий ва маънавий бўлади, шу билан бирга, у Аллоҳдандир. Зотан, ҳар бир нарсанинг вужудга келиши Аллоҳга боғлиқ. Бутун борлиқни Аллоҳ бор қилса, бор бўлади, бор қилмаса, бўлмайди. Кундузи қуёшдан нур таралиши ҳам Аллоҳдан, кечанинг ой зиёси билан ёруғ бўлиши ҳам Аллоҳдандир.
Барча маданий суралар каби Нур сурасида ҳам шариат аҳкомларининг қатъийлиги, одоб-ахлоқ масалаларига алоҳида эътибор берилган. Унда мўмин-мусулмонларнинг шахсий ва ўзаро муомалалардаги одоблари, бошқаларнингтурар жойларига изн сўраб кириш, кўзни номаҳрамлардан тийиш, зинодан сақланиш, номаҳрамларнинг бир-бирлари билан аралашмаслиги каби масалалар хусусида ҳам сўз кетади. Шунингдек, мусулмон оила учун зарур бўлган иффат, поклик, шариатда мустақим бўлиш ҳақида гапирилади, ички низолар ва ахлоқий бузуқликлардан қайтарилади. Бу сурада шариатда жорий қилинган баъзи жазолар, хусусан зинокорлик, бировни зинода айблаш каби жиноятларнинг жазоси баён қилинади. Ушбу сурада оила масаласига кўпроқ эътибор берилгани учун ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Куфа аҳлига ёзган мактубларида «Аёлларингизга Нур сурасини ўргатинглар», деганлар.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман

1. Бу сурадир, уни Биз нозил этдик ва уни фарз қилдик. Эслатма олишингиз учун унда очиқ-ойдин оятларни нозил қилдик.
«Сура» сўзи луғатда “қўрғон” маъносини англатувчи «сур» сўзидан олинган бўлиб, Қуръон оятларининг маълум бошланиш ва тугашга эга бўлган, қўрғон каби ажратилган жамланмасига айтилади. Қуръони каримда 114 та сура бўлиб, улар уч оятлидан (Ихлос, Наср каби) 285 оятлигача (Бақара) бўлади. Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали бандаларига хабар беряптики, сизлар қироат қилаётган бу сура ҳам Биз нозил қилган сураларнинг биридир. Биз уни сизларга фарз қилганмиз, яъни у шунчаки тавсия-ташвиқ эмас, балки бажарилиши шарт бўлган буйруқларимиздир. Эслатма олишингиз, ибратланишингиз, унинг аҳкомларини ҳаётингизга татбиқ қили-шингиз учун сурада очиқ-ойдин оятларни баён қилиб қўйдик.

2. Зинокор аёл ва зинокор эркакнинг ҳар бирига юз даррадан уринглар. Агар Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадиган бўлсанглар, уларга нисбатан Аллоҳнинг динида сизларни шафқат тутмасин. Уларнинг жазоланишига бир гуруҳ мўминлар гувоҳ бўлишсин.
Аллоҳ таоло инсонларни жуфт-жуфт қилиб яратиб, наслни давом эттириш учун уларга никоҳ орқали оила қуришни амр этган. Сарвари олам Муҳаммад мустафо соллаллоху алайҳи васаллам эса “Никоҳ менинг суннатимдир ва ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир” деб таълим берганлар. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб никоҳда бўлишга, ҳалол-пок йўл билан оила куришга ҳаракат қилиши керак. Никоҳ - Аллоҳ таолонинг барча анбиё алайҳимуссаломларини бирлаштириб турувчи суннатларидан биридир. Ҳанафий мазҳабининг йирик уламоларидан Ибн Обидин: «Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача ибодат қилиб белгиланган хдмда охиратда жаннатда ҳам давом этадиган амал иккитадир: имон ва никоҳ», деган. Исломда никоҳга тарғиб қилиш билан бирга ундан бош тортиш, жинсий майлни хдлол йўл билан қондириш ўрнига ҳаром йўлга юриб, зинога қўл уриш қаттиқ қораланади. Бу зинонинг динимизда улкан гуноҳ эканини, у ҳар қандай жамиятни емириб, ҳалокатга олиб боришини исботлаб турибди.
«Зино» шариатда қуйидагича таърифланади: «Зино эркак кишининг ўз никоҳида бўлмаган аёл билан жинсий алоқа қилишидир». Ҳанафий мазҳаби олимлари зинони қуйидагича таърифлайдилар: «Бир эр киши аёл кишини шаръий никоҳ ақдисиз, эгалик ҳаққисиз ва бу икки нарсанинг шубҳаси бўлмай туриб олд томонидан яқинлик қилиши зинодир». Оиланинг бузилишига, жамиятда ахлоқсизликнинг кўпайишига сабаб бўлувчи энг ёмон иллатлардан бири зинодир. Оиланинг асосий кушандаси, унинг бузилишига сабаб бўлувчи нарсалардан бири эркак ва аёлларнинг зинога боришларидир. Никоҳланиш ва оила қуришдан кўзланган бош мақсадлардан бири ҳам зинодан сақланишдир. Никоҳланиш, оила қуриш бахтига сазовор бўла туриб, зино қилиш эса, катта гуноҳ ва улкан жиноятдир.
Қуръони каримнинг Исро сурасида Аллоҳ таоло мусулмонларга хитоб қилиб айтади: «Зинога яқинлашманглар, чунки у бузукушк ва ёмон йўлдир» (32-оят). Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу эса, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Чунки у ўта фаҳш иш, бузуқлик ва ёмон йўлдир. Аллоҳтаоло бандаларни зинодан қайтариш билан бирга, бу қабиҳ ишга қўл урганларни қайси йўл билан жазолашни ҳам кўрсатиб берган. Зино барча жамиятларда ахлоқий жиҳатдан разолат, диний жиҳатдан гуноҳ, ижтимоий жиҳатдан бузуқлик, номуссизлик саналади. Бу умумий қоидадан фақат инсонийлигини йўқотган жамиятларгина чекинган ёки уни инкор қилган. Чунки соф инсоний табиат ҳеч қачон зинони яхшилик сифатида қабул қила олмайди. Зеро, инсониятнинг боқий қолиши, камол топиши учун эркак билан аёл ўртасидаги алоқа доимий ва мустаҳкам аҳду вафо, жамият томонидан кафолатланган қоидалар асосида бўлиши керак. Шундай бўлмаса, наслу насаб поклиги ҳам, ота-болалик туйғуси ҳам, оила ҳам, жамият ҳам қолмайди. Инсоният таназзулга юз тутади.
Зинонинг нақадар жирканч иш экани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадиси шарифлар нақл қилинган. Имом Термизий Воил ибн Ҳужрдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бир аёл намозга келаётганида бир эркак йўлини тўсиб, уни зўрлади. Хотин дод солди. Эркак қочиб кетди. Бир гуруҳ муҳожирлар етиб келишган эди, аёл «Анави одам мени ундай қилди, бундай қилди», деб айтиб берди. Эркакни тутиб келтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлга: «Сен кетавер, Аллоҳ сени мағфират қилди», дедилар. Уни зўрлаган эркакка эса ҳаддни қоим қилдилар».
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қайси қавмда фаҳш иш тарқалса, уларнинг орасида буни очиқчасига амалга оширилса, уларнинг ичида ўлат ва ота-боболари билмаган касалликлар чиқади» (Байҳақий ривояти); Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда зино қилаётган пайтида унинг мўминлик ҳолати қолмайди», дедилар» (Бухорий ва Муслим, Насоий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан зино қилиш туфайли банданинг имонига путур етишини англаб оламиз. Зинокорлик гуноҳи кабиралардан бўлиб, бу ишни Аллоҳ таоло қатъиян ман қилган. Шунга ҳам қарамай, мазкур гуноҳи азимга қўл урган банданинг имонига путур етишига шубҳа йўқ. Аммо ўша имонга путур етиши даражаси ҳадиси шарифни тушунишга қараб, бир неча хил бўлади. Агар банда мазкур жиноятнинг ҳаромлигини билатуриб, уни ҳалол санаб қилса, кофир бўлади. Аммо банда ўша ишни бошқа ҳолатда қилса, ўша ишни қилаётган пайтида имони ундан чиқиб туради. У ишни қилиб бўлга-нидан кейин афсус-надомат чекиб, тавба қилса, имони қайтиб киради. Шунинг учун ҳам эр-хотинлардан бири ўз жуфти ҳалолининг зино қилганини билиб қолса, ажрашишни талаб қилади.
Кўпчилик «Эр ёки хотин зино қилса, ораларига талоқ тушадими?» деган саволни беради. Бунга уламолар: «Зино билан талоқ тушмайди», деб жавоб беришади. Чунки шариатда «Ҳаром иш ҳалолни ҳаром қилмайди» деган қоида бор. Бу албатта, зино қилса бўлаверади, дегани эмас. Зино энг ёмон гуноҳлардан биридир. Мусулмон одам ундан тамоман йироқда бўлиши лозим. «Зинога дунё халқлари қандай қараган?» деган саволга жавоб берадиган бўлсак, бирорта халқ ёки жамият ҳеч қайси замонда зинони оқламаган. Барча халқларнинг тушунчасида зино - эркак билан аёлнинг никоҳсиз ҳолда жинсий алоқада бўлишидир. Бу иш барча динлар, халқлар, тузумлар, фалсафаларда ор-номуснинг топталиши, уят, ифлослик ва разиллик ҳисобланган. Қадимдан барча халқлар зинони улкан гуноҳ ва катта айб деб ҳисоблаб келган. Фақат айрим халқлар, динлар, қонунлар “зино жазога лойиқми-йўқми” деган масалада ихтилоф қилишган, холос. Инсоний табиати бузилмаган жамиятлар зинони ҳеч иккиланмай «жазога лойиқ иш» деб баҳолаб келган. Табиати бузуқ, маънавий поклиқцан кўра шаҳватга кўпроқ интиладиган жамиятларда эса зинони иккига бўли-шади: биринчиси - оддий зино, яъни эрсиз аёл билан жинсий алоқада бўлиш. Бу зинога эътиборсиз қарашган. Жуда борса, жарима солиш билан чекланишган. Иккинчиси - эри бор хотин билан жинсий алоқа қилиш. Бу хилдаги зинони «турмуш ўртоғига хиёнат қилиш» деб аташади. «Хиёнат» қилганларга турли жазолар тайин ҳам этилган. Масалан, қадимги мисрликлар эркакни таёқ билан қаттиқ калтаклашган, хотиннинг бурнини кесишган. Ҳиндлар зинокор аёлни итларга еди-ришган, эркакни қиздирилган темир сўрига ётқизиб туриб, атрофидан олов ёқишган. Рим қонунлари бўйича, қадимда зинокорларнинг мол-мулки мусодара этилган, кейинроқ ўлим жазосига ҳукм қилинган, сўнгра умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилган. Яҳудийларда зинокор ўлим жазосига хукм этилган. Биргина масиҳийлиқца «оддий» зинога жазо йўқ, яъни, оилали бўлмаган одам зино қилса, жазо берилмаган. Аммо оилали киши зино қилса, турмуш ўртоғига хиёнат қилгани учун жазоланган. Агар зинокор эр устидан хотин маҳкамага арз қилса, хоҳласалар, уларни ажратиб қўйишган. Аммо эр маҳкамага арз қилиб, ўзига хиёнат қилган хотинидан ажрашиши ва хотини билан зино қилган эркакдан жарима олиши мумкин. Энг қизиғи шуки, зино хусусида маҳкамага арз қилиб, ажрашган эр ҳам, хотин ҳам кейин янги турмуш қуриши мумкин эмас.
Исломда эса мазкур қонун-қоидаларнинг акси ўлароқ, зино улкан жиноят ҳисобланади. Агар одамларга шаҳватларини тартибсиз равишда, хоҳлаган йўл билан қондираверишларига ижозат берилса, инсоният ва унинг маданияти, маънавияти тезда ҳалокатга учрайди. Агар инсон оилавий ҳаётнинг масъулияти, оғирликлари ва машаққатларини бўйнига олмасдан, фақат шаҳватини қондиришга ҳаракат қиладиган бўлса, ундан ҳеч қачон бола тарбиялашда, оилада ва жамиятда бирор фойдали ишни кутиб бўлмайди. Бундай кишилар бир лаҳзалик шаҳватини қондириш учун ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёрдирлар. Шунинг учун ҳам улар ҳар қандай оғир жазога лойиқ.

3. Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланади. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланади. Бу мўминларга ҳаром қилингандир.
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида муфассирлар шундай дейишади: “Муҳожирлар Мадинага келишганида ораларида мол-мулки йўқ камбағал кишилар ҳам бор эди. Мадинада эса танасини ижарага берадиган-сотадиган бузуқ-фоҳишалар бор эди. Улар ўша вақтда яхшигина пул топишарди. Камбағал муҳожирлардан айримлари уларнинг пул топишига, даромадига қизиқиб, “Бизлар уларга уйланиб, то Аллоҳ улардан (даромадларидан) бемуҳтож қилгунича улар билан яшасак бўлмайдими?” дейишди ва Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бунга изн сўрашди. Шунда ушбу оят нозил бўлди ва мўминларни ҳимоя қилиш учун Аллоҳ зинокор аёлга уйланишни ҳаром қилди.
Икрима айтади: “Бу оят Макка ва Мадинадаги даволовчи фоҳиша аёллар ҳақида нозил бўлган. Уларнинг маконлари кўп бўлган. Уларнинг худди байторнинг (от, мол каби ҳайвонларни даволовчи табиб) байроқларидек байроқлари бор эди. Одамлар уларнинг байроқларини танишарди. Улар: Соиб ибн Соиб Маҳзумийнинг жорияси Умму Маҳдум, Саффон ибн Умайянинг жорияси Умму Ғолиз, Ос ибн Воилнинг жорияси Ҳайятул Қибтия, Ибн Молик ибн Аслама ибн Сибақнинг жорияси Мория, Суҳайл ибн Амрнинг жорияси Жалола, Амр ибн Усмон Маҳзумийнинг жорияси Умму Сувайд, Замаъ ибн Асваднинг жорияси Шарифа, Ҳишом ибн Робиъанинг жорияси Қорина ва Ҳилол ибн Анаснинг жорияси Фартаналардир. Жоҳилиятда уларнинг уйлари “маваҳийр” (фоҳишахоналар) деб номланарди. Уларга фақат Макка аҳлининг зинокор-бузуқлари, мушриклар киришган. Айрим мусулмонлар уларни даромад манбаи қилиб олиш учун уларга уйланмоқчи ҳам бўлишган. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди ва бу ишни ҳаром қилиб, мўминларни бундан қайтарди.
Имом Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ривоят қилган ҳадисда шундай келган: «Марсад ибн Абу Марсад деган киши асирларни (заифлиги туфайли ҳижрат қила олмай, мушриклар қўлига тушиб қолган мусулмонларни) Маккадан Мадинага олиб келар эди. Маккада Аноқ исмли бузуқ аёл ҳам бор эди. Ана шу аёл Марсаднинг ўйнаши эди. Марсад Маккада бир одамга уни (яъни ўша одамни) олиб кетиш ҳақида ваъда берган эди. Марсаднинг ўзи шундай ҳикоя қилади: «Ойдин кечада Макка деворларидан бирининг тагига келиб турдим. Аноқ келди. Девор тагидаги шарпани кўрди. Яқинимга келиб, мени таниди ва: “Марсадмисан?” деди. Мен: “Марсадман”, дедим. У: “Хуш келибсан! Кел, бу кечани бизникида ўтказ”, деди. Мен унга: “Эй Аноқ, Аллоҳ зинони ҳаром қилди”, дедим. У эса: “Ҳой чодирдагилар! Манави одам асирларингизни олиб кетмоқда!” деб бақирди. Саккиз киши чиқиб, мени қува кетишди. Мен тоққа қочдим ва ўша ердаги ғорга беркиниб олдим. Улар келиб, устимда тўхташди. Ҳатто бошимдан пешоб қилиб ҳам юборишди. Лекин Аллоҳуларнингкўзини кўр қилди, мени кўришмади. Сўнгра ортларига қайтишди. Мен ҳам қайтиб бориб, ваъдалашган одамимни топиб, олиб кетдим. Вазни жуда оғир экан. Бир изхир дарахтининг остигача кўтариб бордим-да, қўл-оёғини ечдим. Сўнгра уни Мадинага олиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аноқни никоҳлаб олайми?” деб икки марта сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам жим бўлиб қолдилар. Менга ҳеч нарса демадилар. Сўнгра “Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланади. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланади. Бу мўминларга ҳаром қилингандир» ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Марсад, зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланади, уни никоҳингга олма”, дедилар».
Булардан аён бўлиб турибдики, мўмин киши фақат ўзига ўхшаш имонли, покиза аёллар билан никоҳланади, мўмин эркак ва аёлларга зинокор эркак ва аёллар билан никоҳ алоқаси боғлаш мумкин эмас. Зинокор аёлнинг (зониянинг) тенги фақат ўзига ўхшаган зинокор ёки мўмин бўлмаган мушрик эркакдир. Шунингдек, зинокор эркакнинг тенги ҳам ўзига ўхшаган зония ёки мушрика аёлдир. Зинокор эркак ёки аёл билан никоҳланиш мўмин ва мўминаларга ҳаром қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида зинокор зино қилаётган пайтида унинг мўминлиги қолмаслигини айтганлар.
Дарҳақиқат, зино инсон зотига муносиб бўлмаган энг қабиҳ ишлардан, улкан гуноҳлардандир. Бу иш мукаррам инсонни беақл ҳайвонга айлантирадиган амалдир. Зинокорлар хоҳишини жиловлай олмаган ҳайвондан фарқ қилмайди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар жамиятида зино қаттиқ қораланади. Зинокорлар ҳамма тарафдан обрўсизлантирилиб, шаън-қадрлари ерга урилади. Мўминларни улар билан никоҳ алоқасида бўлишдан қайтаришда ҳам шу мақсад кўзда тутилган. Зино шунчалик қаттиқ гуноҳ бўлгач, бировни зинода айблаш ҳам бундан оғир гуноҳ ҳисобланади. Ким бировни зинода айбласа, исбот қилиб бериши талаб этилади, исбот қила олмаса, ўзи туҳматчи сифатида жазога тортилади. Келгуси оятда айнан мана шу масалада сўз юритилади:

4. Покиза аёлларга бўҳтон қилган, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир.
Ҳаромдан сақланган покиза аёлга бўҳтон қилиб, уни фоҳишаликда, бузуқликда айблаганларга Аллоҳ таоло дунёю охиратда лаънат ва улкан азоб бўлиши, будунёда унга саксон дарра урилиши,ўзи ишончли бўлса ҳам унинг гувоҳлиги асло қабул қилинмаслигини баён қилиб беряпти. “Бўҳтон қилиш” дегани покдомон, хур, муслима аёлга “эй зинокор, эй фоҳиша, сен бузуқсан” каби ё шунга ўхшаш гап-сўзларни айтиш, эрига “эй фоҳишанинг эри” дейишдир. Бирорта эркак ёки аёл бир покиза аёлга шундай сўзларни айтса, сўзининг ростлигига тўртта гувоҳ келтириши лозим. Агар келтира олмаса, унинг ўзи туҳматчилиги учун жазоланади, туҳматга қолганнинг талаби билан унга саксон дарра урилади. Зинони ўз кўзи билан кўрганлар сони тўрт кишига етмаса, улар тилларини тийиб, жим юришлари лозим. Агар гувоҳлар тўрт кишига етса, бу хабарни одамлар ичида гапириб юрмай, ҳукумат идораларига етказиш ва зинокорни жазога тортиш чорасини кўришлари керак. Ана шунда улар тўғри йўл тутган бўлишади. Одатда, аёлларни зинода айблаш кўпроқ бўлгани учун юқоридаги ояти карималарда асосан уларнинг зикри келмоқда, лекин эркакларни зинода айблаганлардан ҳам тўртта гувоҳ келтириш талаб қилинади, келтира олишмаса, ўзлари жазога тортилади. Ислом шариатида тўртта гувоҳ келтириш фақат зинодагина талаб қилинади. Бошқа ишларда битта ёки иккита гувоҳ кифоя қилади. Бошқа ҳолатларда бўлгани каби, бунда ҳам гувоҳлар текшириб кўрилади, улар одил бўлишлари, шариат ишларига хилоф қилмаган бўлишлари шарт қилиб қўйилади. Бировни зинода айблаш шаръий истилоҳда «қазф» дейилади. Мисол учун, ўғрилик, ароқхўрлик ёки шариат ҳаром қилган бошқа ишлар содир этишда айблов тушадиган бўлса, айбловчи ўз гапини тасдиқлаб бера олмаса, ҳукумат унга нисбатан ўзи қабул қилган жазони қўллайди. Аммо зинода айблаш содир бўлганда ушбу оятнинг ҳукмига амал қилиниши шарт. Ояти каримадан «Эркак киши аёл кишини зинода айблаб, унга бўҳтон тоши отса, қазф содир бўлади» деган маъно чиқмоқда. Лекин, аслида эса эркак киши эркак кишини, аёл киши аёл кишини ёки аёл киши эркак кишини қазф қилса ҳам, барибир жазога тортиладилар.
Ояти каримада кўрсатилган жазони қўллаш учун бўҳтон қилувчи покиза шахсга нисбатан зино қилганлик айбини қўйган бўлиши шарт. Агар фисқу фужури, зинокорлиги билан танилган одамни айбласа, унга нисбатан бу жазо қўлланилмайди, балки ўша пайтдаги ҳокимият шароитни ҳисобга олиб, оятдагидан кўра енгилроқ жазо беради. Бир одам бошқасини зинода айблаб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаса, дарҳол уни ушлаб, саксон дарра урилавермайди, балки бошқа жиноятлардаги, жумладан, зино содир бўлгандаги каби олдин жиноятчининг, жабрланувчининг шахси ва қилинган жиноят яхшилаб ўрганилади. Шу уч тоифада - жиноят, жиноятчи ва жабрланувчида керакли шартлар топилгандагина, жиноятчига жазо берилади. Жиноятчи ва жабрланган тарафларда ҳамма шартлар мавжуд бўлиши билан бирга, жиноятда, яъни зинода айблашда ҳам маълум бир шартлар кўриниши керак. Агар бу ишда ҳам камчилик бўлса, оятда зикр қилинган жазо чораси татбиқ этилмайди. Бу борада шундай савол ҳам туғилиши мумкин: “Бир одам бировнинг зино қилаётганини аниқ кўрса-ю, лекин гувоҳликка тўрт ки-шини келтира олмаса, бу унинг ёлғончи эканига далил эмас-ку, нима учун уни саксон дарра уриб, одамлар ичида шарманда қилиб, гувоҳлигини қабул этмай, «фосиқ» деб эълон этиш керак?” Бу саволга уламолар қуйидагича жавоб берадилар: “Агар бир киши кимнингдир зино қилаётганини кўрса, етарли далили бўлмай туриб, уни одамлар ўртасида тарқатиши хатодир. Бу иши худди бир одам ифлос нарсанинг устида ўтирган-у, ўша ифлос нарсани бошқа томонга тарқатган каби бўлади. Бундай ҳолатда ўша ифлос нарсани етарли ҳужжат-далил билан бир йўла йўқотиш керак. Яъни, давлатга мурожаат қилиб, ҳужжат-далил билан исботлаб, жазосини бериш керак ёки ҳеч қаёққа ёйилмай, ўз жойида қолиб кетишини таъмин-лаш керак. Шунингучун ҳам ҳужжат-далилсиз бировни зинода айблаган киши ўзи ростгўй бўлса ҳам, амали фисқ ҳисобланади”.
Зино ниҳоятда оғир гуноҳ бўлгач, бировни зинода айблаш ҳам қаттиқ гуноҳ ҳисобланади. Шунингдек, бировни бесоқолбозлик ёки баччабозлиқца айбласа ҳам зинода айблаган билан баробар бўлади. Бўҳтончига қарши чора кўришни талаб қилишга фақат жабрланувчи ёки жабрланувчи билан насаби бир, у билан бирга ор-номусга қоладиган шахсгина ҳақлидир. Аҳли-оиласининг фаҳш ишлар қилаётгани-ни билатуриб, сукут сақлайдиган ёки рашк-ор қилмайдиган кишилар даъюсдир. Яна айрим халқлардаги каби онаси, опа-синглиси ё бошқа маҳрами билан зино қилган кимса энг улкан гуноҳни қилган бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом бундайларни ўлдиришга буюрганлар.
Абдуллоҳ розияллоху анхудан ривоят қилинади: “Жума кечаси масжидда турган эдик. Ансорлардан бир киши кириб келиб: “Бир эркак ўз хотини билан бир эркакни кўриб қолсаю агар шуни айтса, уни дарралайсизлар, агар ўлдирса, уни ҳам ўлдирасизлар. Агар жим бўлса, ғазаби билан (дарди ичида бўлиб) жим бўлади. Аллоҳга қасамки, мен бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламдан албатта сўрайман”, деди. Эртаси куни эрталаб у Расулуллоҳ сОллаллоҳу алайҳи васалламга бориб шу ҳақда сўради: “Бир одам хотинини бир эркак билан кўрса, айтса дарралайсизлар, ўлдирса ўлдирасизлар, жим бўлса ғазаб билан (дарди ичида бўлиб) жим бўлади-ку”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим,Ўзинг хукм қилгин”, деб дуо қила бошладилар. Шунда мулоъана (лаънатлаш) ояти нозил бўлди. Одамлар орасида бир киши шу билан балоланди. Унинг ўзи ва аёли Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, бир-бирларини лаънатлашди. Эркак ўзининг ростгўй эканига Аллоҳ номи билан тўрт марта қасам ичиб, гувоҳлик берди. Сўнг бешинчисида агар ёлғончилардан бўлса, Аллоҳнинг лаънати ўзига бўлишини айтиб қасам ичиб, ўзини лаънатлади. Кейин ўзига лаънат айтиш учун аёл келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ҳам шундай қил”, дедилар. У ҳам лаънат айтди. У кетгач Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “Эҳтимол у қора, жингалак сочли бола туғар”, дедилар. Дарҳақиқат у қора, жингалак соч туғди” (Муслим ривояти). Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинади: «Покиза аёлларга бўҳтон қилган, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар» ояти нозил бўлганида ансорийларнинг раҳбари Саъд ибн Убода розияллоху анху:
“Эй Аллоҳнинг Расули, шундай оят нозил бўлдими?!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй ансорлар жамоаси, раҳбарингизнинг нима деяётганини эшитяпсизларми?!” дедилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, уни маломат қилманг. У жуда рашкчи одам. Аллоҳга қасамки, фақат бокира қизларга уйланган. У талоқ қилган аёлга унинг рашкидан қўрқиб, биздан ҳеч ким уйлана олмайди”, дейишди. Саъд: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мен унинг ҳақ эканини, Аллоҳдан эканини жуда яхши биламан. Лекин менинг ажабланган жойим шундаки, агар мен эркакнинг бир ифлос аёлнинг сонлари орасига олиб турганини кўрсам, уни безовта қилмай, жойидан қимирлатмай, бориб тўртта гувоҳтопиб келишим керакми?! Аллоҳга қасамки, мен уларни олиб келгунимча, у ишини битириб бўлади-ку?” деди. Кўп ўтмай, Ҳилол ибн Умайя келди. У кечаси уйига келса, аёли бир эркак билан экан. У ҳодисани икки кўзи билан кўриб, икки қулоғи билан эшитибди. Ҳеч нарса қилмабди. Тонг отиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен кечаси ўз хотинимнинг олдига келиб, у ерда бир эркакни кўрдим. Ҳодисани икки кўзим билан кўриб, икки қулоғим билан эшитдим”, деди. У келтирган хабар Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга ёқмади, жуда оғир ботди. Ансорийлар Ҳилолнинг атрофига тўпланиб: “Саъд ибн Убода гапирган гапнинг балосига қолдик, энди Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам иложсиз Ҳилол ибн Умайяга дарра урдирадилар, одамлар ичида шармандасини чиқариб, гувоҳлиги ўтмайдиган қиладилар”, дея хавотирланишди. Ҳилол эса: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таолонинг Ўзи бир йўл кўрсатишини умид қиламан”, деди. Сўнгра у: “Эй Аллоҳнинг Расули, кўриб турибманки, мен олиб келган нарса сизга оғир ботди. Аллоҳ билади, мен ростгўйдирман”, деди (Аҳмад ривояти).
Ҳилол ибн Умайя воқеасидан хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дарра уришни ирода қилиб турганларида бирдан Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил қилиб қолди. У кишига ваҳий келаётганини саҳобалар у зотнинг юзлари оқарганидан билиб олишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳийни қабул қилиб, аввалги ҳолатларига келдилар ва: “Хурсанд бўл, эй Ҳилол, ҳақиқатан Аллоҳ сенга кушойиш ва нажот берди”, деб марҳамат қилдилар. Ҳилол: “Парвардигорим азза ва жалладан худди шуни умид қилаётган эдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлга одам юборинглар”, дедилар. Аёлга одам юборилди. У келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковига оятларни ўқиб бердилар, иккаласига ҳам насиҳат қилдилар, охиратнинг азоби бу дунёнинг азобидан шиддатли эканини эслатдилар. Ҳилол: “Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен у ҳақда рост гапни айтдим, деди. Аёл: “Ёлғон гапиряпти”, деб жавоб қайтарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икковини мулоъана қилдиринглар (бир-бирига лаънат айттиринглар)”, дедилар. Ҳилолга: “Сен гувоҳлик бер”, дейишди. У ўзининг ростгўйлардан экани тўғрисида тўрт марта Аллоҳнинг номи билан гувоҳлик берди, бешинчисига келганда унга: “Эй Ҳилол, Аллоҳдан қўрқ! Албатта бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгилдир. Мана шу сафаргиси сенга азобни вожиб қилади”, дейишди.У: “Аллоҳга қасамки, менга бу (аёл) сабабли дарра урилмаганидек, Аллоҳ ҳам мени азобламайди”, деди ва бешинчисида: агар ёлғончилардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлиши ҳақида қасамёд қилди. Сўнгра аёлга: “Аллоҳнинг номи билан «У албатта ёлғончилардандир» деб гувоҳлик бер”, дейилди. Бешинчисига келганда унга: “Аллоҳдан кўрқ! Албатта, бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгилдир. Мана шу сафаргиси сенга азобни вожиб қилади”, деб эслатилди. У бир муддат дудуқланиб қолди, эътироф қилмоқчи ҳам бўлди. Сўнгра: “Аллоҳга қасамки, қавмимни шарманда қилмайман” деб, бешинчи шаҳодатни, яъни агар эри ростгўйлардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг ғазаби бўлиши ҳақида қасамёд қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковини ажратдилар. Аёлнинг боласи туғилганидан кейин отанинг номи билан аталмаслиги, уни зинодан бўлган демаслик, ким шундай деса, унга ҳадд урилиши, эр аёлга уй-жой бермаслиги, таом бериши ҳам вожиб эмаслиги ҳақида ҳукм чиқардилар. Чунки уларнинг ажрашишлари талоқ ёки вафот туфайли эмас эди. Сўнгра у зот: “Аёл қизғиш сочли, думбаси кичик, болдири ингичка бола туғса, Ҳилолдан бўлади. Агар қорамтир, жингалак соч, бўлиқ, икки болдири йўғон ва думбалари катта бола туғса, аёл билан туҳмат қилинаётган шахсдан бўлади”, дедилар. Ўшанда аёл қорамтир рангли, жингалак сочли, бўлиқ, икки болдири йўғон ва думбалари катта бола туғди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “Агар қасамлар бўлмаганида, мен билан ўша аёлнинг ўртасида бир иш бўлар эди”, дедилар».
Ҳилол ибн Умайя билан содир бўлган воқеа баён этилган ушбу қисса ва шу сабабли нозил бўлган ояти карималардан шариатда «мулоъана», яъни бир-бирини лаънатлаш хукми ва унинг қандай, қачон, кимларга жорий қилиниши шартлари олинган. Бировни зинода айблаб, сўнгра тўрт гувоҳ олиб келолмаган шахсга саксон дарра уриш, унинг гувоҳлигини абадий қабул этмаслик ва фосиқ деб эълон қилиш ҳақидаги оят нозил бўлганидан кейин Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу томонидан савол берилиши ўша пайтдаги барча мусулмонлар ҳаётида ажойиб бир ҳолатни юзага келтирди. Ўта рашкчи бўлган бу улуғ саҳобий ҳар бир кишининг миясига келадиган саволни журъат қилиб айтишларининг ўзи ҳикматдан холи эмас. Бу ҳикматни эса фақат Аллоҳ таологина билади. Чунки Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг саволлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг қавмига ҳам ёқмади. Шунинг учун улар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга узрхонлик қилишди. Аммо бу саволнинг айнан шундай берилишига Аллоҳнинг иродаси кетган эди. Кўп ўтмай, саволда сўралган ҳолат ҳаётда рўй берди. Ҳилол ибн Умайя розияллоху анхунинг бошига шу савдо тушди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига келиб, ҳодисани арз қилди. Мавжуд хукм бўйича, унга саксон дарра уриш керак эди. Чунки у хотинини биров билан зино қилганликда айблаяпти, лекин гапининг ростлигини тасдиқловчи тўртта гувоҳи йўқ эди. Бутун Ислом жамияти шу масаланинг дарди билан яшай бошлади. Ҳамманинг оғзида Ҳилол ибн Умайя ҳодисаси бўлиб қолди. Ҳамма «Энди нима бўлади?» деган саволни берарди. Баъзилар «Энди Ҳилолга дарра урилади», дерди. Чунончи бошқа ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг унга «Ҳужжат келтир, бўлмаса елкангга дарра тушади» деган гаплари айтилган. Зоҳирий хукм шу эди. Аммо мантиқ бошқа нарсани тақозо этарди. Чунки бир бегонанинг зино қилганини кўриб-билиб туриб, етарли гувоҳ бўлмагани учун индамай юриш мумкин, аммо ўз хотинини зино устида ушлаб олиб, гувоҳим йўқ, деб индамай кетиш амри маҳол. Бошқа ривоятларда келгани каби жим юрса, ҳаёти заҳарга айланар, жим юрмаса, елкасига дарра урилар эди. Шунинг учун ҳам Ҳилол ибн Умайя розияллоху анху ишонч билан: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга кушойиш беради», деди.

5. Кейин тавба қилиб, ўзини тузатганлар бундан мустаснодир. Зеро, Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Ҳар бир жамиятўзи бирлаштирган одамлар жамоаси ўртасидаги муомала-муносабатларни маълум тартиб-қоидалар асосида изга солади ва ислоҳ қилади. Кишилик жамиятларида ўзига яраша тартиб-интизом, ўзаро ҳурмат, ҳар бир одамнинг қадр-қиммати, ор-номуси ҳимояланган бўлиши лозим. Одамлар орасида турли фитна, туҳмат-бўҳгон, хусумат ва ихтилоф чиқариб юрадиган расво кимсаларнинг кирдикорларига қарши кўпчилик бўлиб кураш олиб бориш керак бўлади. Чунки вайсақи ва ҳангаматалаб кимсалар тарқатиб юрадиган миш-миш ва туҳмат фитналари жамиятдаги мўътадил ҳаётни издан чиқаради, одамларни бир-бирларига душман қилиб қўяди, оқибатда парокандалик, хусумат, можаролар юзага келади. Айниқса, зинога оид туҳмат гап-сўзлар бировнинг обрўсини тўкиши билан бирга, жамиятда нопок, бузуқ бир кайфиятни туғдиради. Агар шундай вайсақиларнинг тили вақтида тийиб қўйилмаса, улар бирга ўнни қўшиб, турли гапларни тарқатаверадилар ва шахсларга ҳам, жамиятга ҳам катта зарар ва кулфат етказадилар.
Аммо гуноҳ содир этиб, кейин тавба қилувчилар, истиғфор айтувчилар юқоридаги хукмлардан мустаснодирлар. Уларга жазо чоралари қўлланмайди, гуноҳларининг мағфират этилиши Аллоҳтаолодан умид қилинади. Зеро, Аллоҳ таоло тавбаларни қабул қилувчи, гунохдарни мағфират қилувчи Зотдир. Инсон зоти борки, ҳаётида турли айб ва ха-толар қилади, катта-кичик гуноҳларга йўл қўяди. Инсонларни бошқа барча мавжудотдан азизу мукаррам қилиб яратган, бандаларига ниҳоятда меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таоло уларга бу хатоларни тузатиш, гуноҳлардан фориғ бўлишнинг йўлини ҳам белгилаб берган. Бунинг бирдан-бирчораси гуноҳ-хатолардан афсусланиш ва надоматчекиш,уларга чин дилдан тавба қилиш, истиғфор айтишдир. Кишининг гуноҳлардан қайтиши, ёмон ишларини ташлаб, яхшиликлар қилишга ўтиши тавбадир. Тавба холис Аллоҳ таоло учун, шубҳалардан холи бўлсагина, банда амалларида гуноҳлардан очиқ ва яширин асар қолмасагина унинг тавбаси чин, холис тавба (Қуръонда зикр этилган «тавбаи носуҳо») бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом: «Гуноҳларидан холис тавба қилган киши ҳеч бир гуноҳ қилмаган киши кабидир», деганлар. Уламолар оят ва ҳадисларда зикр этилган тавбадан мурод шудир, дейишган. Гуноҳлар қотирган қалбни тавбагина юмшатади. Тавба қалб шифоси, унга роҳат бағишловчи улкан неъматдир. Мўмин киши гуноҳларини кичик санамай, дарров тавбага шошилиши, гуноҳларидан фориғ бўлишни, Парвардигори ваъда қилган жаннат мукофотини қўлга киритишни ўйлаши лозим. Тавба жаннат ва дўзах ўртасига қўйилган бир тўсиқ кабидир.

6. Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолда ўз хотинларини бадном қиладиганлардан ҳар бирининг гувоҳлиги “мен ростгўйларданман” деб, Аллоҳ номи билан тўрт марта қасамёд қилишидир.
Ушбу ояти каримада хотинини бегона эркак билан ушлаб олингандаги ҳолат муолажа қилинмоқда. Хотинини гуноҳ устида кўрган эрнинг ўзидан бошқа гувоҳи йўқ, у бу ҳолатда қандай йўл тутиши баён қилинмоқда. Бундай пайтда эр ва хотин қози ҳузурида мулоъана қилдирилади. Зинокорликда айбланаётган эр-хотиннинг қози олдида бир-бирини лаънатлаши «мулоъана» дейилади. Агар эр хотинини зинокорликда айбласаю ўзи мулоъанага келганда бош тортса унинг ўзи жазоланади. Мулоъана худди Ҳилол ибн Умайя воқеасида баён қилинган тартибда бўлади. Эрга ростгўйлиги ҳақида гувоҳлик бериши айтилади, у ўзининг ростгўйлардан экани тўғрисида тўрт марта Аллоҳнинг номи билан гувоҳлик беради, бешинчисида агар гаплари ёлғон ва туҳматдан иборат бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлиши ҳақида қасамёд қилади.

7. Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини айтишидир.
Зино масаласида арз этилганда, қози эр-хотиннинг гапини гувоҳлар олдида эшитади. Уларга ваъз-насиҳат қилади. Дунёнинг азобидан қўрқиб, ўзини охират азобига дучор қилиш яхши эмаслигини тушунтиради. Сўнгра эр-хотин ўртасида бир-бирини лаънатлаш - мулоъана бошланади. Аввал эр «Аллоҳнинг номи билан қасамки, мен ўз хотиним Фалончини зинода айблашимда рост айтяпман», деб тўрт марта айтади. Эр тўрт марта қасам ичиб, юқоридаги гапларни айтганидан сўнг бешинчисида: «Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, агар мен ўз хотиним Фалончини зинода айблашимда ёлғончилардан бўлсам, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дейди. Эрининг шундай қасам ичиши билан хотинга оилали одам зино қилганда бериладиган жазо вожиб бўлади.

8. Ва ундан азобни қайтарадиган нарса Аллоҳнинг номи билан «У албатта ёлғончилардандир», деб тўрт марта гувоҳлик беришидир.
Яъни, аёлдан дунёдаги азобнинг кўтарилиши учун у кўпчилик олдида, қози ҳузурида «Аллоҳнинг номи билан қасамки, эрим Фалончи мени зинода айблашда ёлғончилардандир», яъни у менга бу борада туҳмат қиляпти, деб тўрт марта айтади. Ҳақиқатан дунёдаги азоб олдида охиратда Аллоҳ берадиган азоб бир неча бор оғир ва аламлидир. Шундай бўлгач, туҳмат қилинаётган аёл ўзидан азобни соқит қилиш учун эрининг ёлғон айб қўяётганига тўрт марта гувоҳлик бериши шарт қилинган.

9. Бешинчисида эса агар у ростгўйлардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг газаби бўлишини айтишидир.
Бешинчисида эса аёл «Аллоҳнинг номи билан қасамки, агар эрим Фалончи мени зинода айблашида ростгўйлардан бўлса, яъни рост айтаётган бўлса, менга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин», деб айтади. Шу билан мулоъана тамом бўлади. Қози эр билан хотиннинг ажрашганларини эълон қилади.
Уламоларимиз мулоъана ҳақида яна бир қанча қоидаларни зикр қилганлар. Жумладан: 1. Эр-хотин ўртасидаги мулоъана фақат маҳкамада (қозихона ёки судда) бўлади. 2. Мулоъана фақат очиқ-ойдин равишда зинода айблангандагина бўлади, киноя ва ишора билан бўлса, мулоъана қилинмайди. 3. Агар эр хотинини зинода айблаб туриб, ўзини лаънатлашдан бош тортса, қамаб қўйилади ва ундан ё мулоъанада қатнашиш ёки ўзининг ёлғончи эканини эътироф этиш талаб қилинади. Аёлга нисбатан ҳам худди шундай чора қўлланилади. 4. Эр мулоъанада ўзидан талаб қилинган қасамни ичиб бўлганидан кейин хотин мулоъанада иштирок этиши ёки зино қилганини тан олиши керак. 5. Эр боланингўзидан эмаслигини даъво қилса ҳам мулоъана вожиб бўлади.
Мулоъанадан кейин вужудга келадиган ҳукмлар қуйидагилардан иборат: 1. Мулоъанадан кейин эрга ҳам, хотинга ҳам ҳеч қандай жазо чораси кўрилмайди. 2. Уларнинг ораси абадийликка ажратилади, яъни никоҳи бекор қилинади. 3. Эр боланинг насабини инкор қилса, бола аёлга нисбат берилади. Эрга мансуб деб билинмагач, бола ундан мерос ололмайди, у онасининг номи билан чақирилади ва ундан мерос олади. 4. Агар мулоъана вақтида аёлнинг зино қилгани билинса ҳам, модомики, у мулоъанада қатнашдими, уни «зония», боласини «валади зино» дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ким бу гапни айтса, туҳматчи сифатида жазога тортилади. 5. Ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл маҳрини олади. 6. Мулоъанадан кейин аёлга нафақа, турар жой бериш эркакнинг бўйнига вожиб бўлмайди.

10. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида ҳамда Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, ҳикмат соҳиби бўлмаганида эди...
“Бегона одамнинг зино қилаётганини кўрдим” дейиш жуда оғир масъулият ва зиммага катта ишни олишдир. Чунки бу даъвога ишониладиган бўлса, бир одамни кўпчилик ичида шармандасини чиқариб, жазолаш керак бўлади. Шунинг учун ҳам бегона одамни зинода айблаган кишидан ўта ишончли далил, тўртта одил гувоҳ келтириш талаб қилинади. Агар у ўша далилни келтирса, зинокорга жазо берилади. Агар у далилни келтира олмаса, туҳматчи сифатида ўзига жазо берилади. Чунки шундай қилинмаса, одамларнинг бир-бирини зинода айблашлари осон бўлиб қолади. Аммо эр хотинини ёки хотин эрини зинода айбласалар, бу ишнинг ор-номуси икковларига ҳам тегади. Шунинг учун бу ҳолатда фақат ночор қолгандагина айблаш мумкин. Айблов фақат бир кишининг, яъни эр ёки хотиннинг гувоҳлиги билан қабул қилинадиган бўлса,умумий қоида бузилади. Зино фақаттўрт кишининг гувоҳлиги билангина исбот бўлади. Албатта аввалги умумий ва шиддатли хукмдан кейинги ҳукм билан эр-хотинларнинг истисно қилиниши Аллоҳтаоло томонидан бандаларга бўлган улуғ бир меҳрибонликдир. Агар кейинги ҳукм (мулоъана) жорий қилинмаганида инсонларга жуда қийин бўларди. Шунинг учун ҳам “Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида ҳамда Аллоҳтавбаларни қабул қилувчи, ҳикмат соҳиби бўлмаганида эди...” дейилмоқда. Ҳақиқатан бу борада Аллоҳнинг фазли-марҳамати бўлмаганида бандаларга жуда қийин бўлиб кетган, жамиятда ишончсизлик ва бузуқликлар авж олган, айрим бегуноҳ кишилар ноҳақ туҳматга қолган бўлур эди.
Аллоҳ таоло жамиятда ахлоқ ва покликни жорий қилиш, айрим бузуқлик ва нопокликларни ислоҳ қилиш йўлларини баён қилиб берганидан сўнг энди мусулмонлар эътиборини яна бир муҳим масалага тортмоқда. Қуйида Пайғамбар алайҳиссаломнинг покиза завжалари Оиша розияллоҳу анҳога қилинган туҳмат қиссасини келтирмоқда.

11. Албатта, ифкни келтирганлар ўзларингиздан бўлган бир гуруҳдир. Уни ўзларингиз учун ёмонлик деб ҳисобламанглар, аксинча, у сизлар учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўз қилмишининг гуноҳи бордир. Улардан унинг каттасини кўтарган кимсага эса улкан жазо бордир.
“Ифк” сўзи луғатда «ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилиш, ҳақиқатдан четга чиқиш» маъноларини билдиради. Мунофиқлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза завжалари Оиша розияллоҳу анҳони зинода айблаб, у зотга қарши уюштирилган туҳмат тарихга «Ифк ҳодисаси» номи билан кирган. Аллоҳ таоло Уз ваҳийси билан ҳазрати Оишанинг мутлақо айбсизлигини, бу мунофиқлар уюштирган туҳмат эканини билдирган. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўминлар жамоасига хитоб этиб, ўша ўзларига чексиз озор етказаётган ифкни уйдирганлар уларнинг ўзларидан чиққан бир усба - одамлар тўдаси эканини маълум қилмоқда (араб тилида адади ўнтадан қирқтагача бўлган одамлар тўдаси «усба» дейилади). Нима учун ифк мўминларнинг ичидан чиқди? Сиртдан қараганда, ифк мўминлар учун, уларнинг Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васаллам учун, у зотнинг аҳли-оиласи учун, дину диёнат учун мунофиқлар томонидан уйдирилган бир ёмонликдир. Шунинг учун ҳам бундан ҳаммалари қаттиқ хафа бўлишди, изтироб чекишди, ташвишга тушишди. Аммо Аллоҳ таоло бу ҳолатни «Аксинча, у сизлар учун яхшиликдир», демоқда. Чунки мунофиқлар ушбу ифкни тўқиганлари билан барибир мақсадларига етолмадилар. Улар мусулмонларга, уларнинг динларига, Пайғамбарлари шахсига, ахлоқ-одобларига зарар етказиш орқали уларнинг қувватини кетказмоқчи эдилар. Аксинча, ифк ҳодисаси туфайли мусулмонлар яхшиликларга эришиб, мунофиқлар шарманда бўлдилар.
Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали мусулмонларни бир неча ҳақиқатдан огоҳ этмоқда. Биринчидан, ушбу бўҳтонни уюштирганлар ўзларининг ичларидаги бир гуруҳ мунофиқлардир. Туҳматчиларнинг бошида Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул исмли бир мунофиқ турган эди. У Мистаҳ ва Ҳамна бинти Жаҳш кабиларнинг гапларини бирига ўнни қўшиб, бўрттириб тарқатди.
Воқеанинг асосий тафсилотлари қуйидаги ҳадиси шарифда баён қилиб берилган: Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ривоят қилинади: «Урва ибн Зубайр, Саъид ибн Мусайяб, Алқама ибн Ваққос Лайсий ва Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб, ифк (уйдирма, туҳмат) аҳлининг у ҳақда гап қилган пайтда Аллоҳ уни ўша нарсадан поклаганини айтиб беришди.Уларнинг ҳар бири менга унинг (Оишанинг) гапидан бир қисмини айтиб берди. Уларнинг бири бошқасидан англовчироқ ва батафсилроқ ўрганган эди. Дарҳақиқат, мен уларнинг ҳар бири Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб айтган ҳадисни ёдлаб, англаб олдим. Уларнинг гаплари бир-бирини тасдиқлайди. Уларнинг таъкидлашларича, Оиша розияллоҳу анҳо бундай деган экан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарга чиқмоқчи бўлсалар, хотинлари ўртасида қуръа ташлаб, қайси бирининг чекига тушса, ўшани ўзлари билан бирга олиб чиқар эдилар. Бир сафарги ғазотларида ўртамизда қуръа ташлаган эдилар, менинг чекимга чиқди. Мен у зот билан бирга йўлга чиқдим, бу ҳижоб (ояти) нозил қилинганидан кейин эди. Мени ҳавдаж-тахтиравонда (туяга) чиқаришар ва ундан туширишар эди.
Кўп йўл юрдик. Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ғазотларидан фориғ бўлиб, ортга қайтиб, Мадинага яқинлашганимизда, кечаси жўнашимиз ҳақида эълон қилдилар. Жўнашни эълон қилишган пайтда ўрнимдан турдимда, қўшиндан ажраб, узоқлашгунча юриб бордим. Ишимни битиргач, манзилимиз томон қайтдим. Кўксимни пайпаслаб кўрсам, зафорий мунчоқли маржоним узилиб, тушиб қолибди. Ортимга қайтиб, маржонимни қидирдим. Уни излаб, ушланиб қолдим. Мени (ҳавдажда) олиб юрганлар келиб, ҳавдажимни кўтариб, мен миниб юрган туяга ортишибди. Улар мени унинг ичида деб ўйлашибди. У вақтларда аёллар енгил эди, тўлишмаган, уларга эт битмаган бўларди. Улар жуда оз овқат ейишар эди. Одамлар ҳавдажни олишда унинг оғирлигига эътибор бермай, кўтариб кетаверишибди. Кейин ўша туяни турғизиб, ҳайдаб кетишибди. Мен маржонимни қўшин кетгандан кейин топиб, улар тушган жойга келсам, у ерда ҳеч ким йўқ экан. Боя тушган жойимга қайтиб келиб турдим, улар тез орада мени топа олмай, олдимга қайтиб келишади, деб ўйладим. Кейин ўтирган жойимда кўзим илиниб, ухлаб қолибман. Сафвон ибн Муаттал Суламий - кейинчалик Заквоний бўлган қўшин ортида қолган эди. Тонгга яқин у мен турган жойнинг олдидан ўтиб, ухлаётган кишининг қорасини кўриб қолибди. У менинг олдимга келди. Ҳижоб(ояти тушиши)дан олдин у мени кўриб юрар эди. Унинг туясини чўктиргандаги истиржоъсидан уйғониб кетдим. Кейин у (туянинг) қўлини босиб турди, мен уловга миниб олдим. У мени уловда етаклаганча йўлга тушди. Ниҳоят, қоқ туш пайтида, дам олгани тушишган пайтда қўшинга етиб олдик.
Шунда (ифк туфайли) ҳалок бўлганлар ҳалок бўлди. Ифкнинг бошида турган киши Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бўлди. Кейин Мадинага келдик, у ерда бир ой хасталаниб ётдим. Одамлар ифкчиларнинг гапларини тарқатишар эди. Беморлигимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан касал бўлган чоғларимда кўрадиган лутфни кўрмаётганим мени шубҳага соларди. У зот кириб, салом берар, кейин: «Анави қалай?» деб қўярдилар, холос. То бир оз тузалгунимча бўлган ишлардан ҳеч бирини сезмадим. Мен Умму Мистаҳ билан кенгликка - очиқ ҳожат жойимизга чиқдим. Биз фақат кечалари чиқар эдик. Бу уйларимизга яқин жойдан хожатхона қилиб олишимиздан олдин эди. Бизнинг ишимиз илгариги арабларнинг саҳродаги [ёки ахлат-хоналаридаги] ишларидек эди. Мен Умму Мистаҳ бинт Абу Руҳм билан қайтиб келаётган эдик, у ўз кийимига қоқилиб тушди ва «Бадбахт Мистаҳ!» деди. Мен унга: «Қандай ёмон гап айтдинг-а! Бадрда қатнашган кишини ҳам қарғайсанми?» дедим.У: «Ҳой қиз, сен уларнинг нима деганини эшитмадингми?» деди ва менга ифк аҳлининг сўзлари ҳақида хабар берди. Дардимга дард қўшилди.
Уйимга қайтиб келганимда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам олдимга кирдилар ва салом бериб: «Анави қалай?» дедилар. Мен: «Ота-онамникига рухсат беринг», дедим. Ўшанда мен улардан мазкур хабарни аниқлаб олмоқчи эдим. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам менга изн бердилар, ота-онамнинг олдига келдим. Онамга: «Одамлар нима дейишяпти?» дедим. У: «Эй қизалоғим, бу ишни ўзингга олма, Аллоҳга қасамки, гоҳида гўзал аёлнинг севадиган эри бўлиб, кундошлари ҳам бўлса, улар албатта у ҳақда гап-сўзни кўпайтирадилар», деди. Мен: «Субҳаналлоҳ, одамлар шундай дейишяптими?» дедим. Ўша кеча то тонггача мижжа қоқмадим, кўз ёшим ҳам тўхтамади, кўзимга уйқу ҳам келмади. Тонг ҳам отди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий тўхталиб қолган пайтда ўз аҳлларидан ажрашишни маслаҳат қилиш учун Алий ибн Абу Толиб ва Усома ибн Зайдни чақирдилар. Усома кўнглидаги уларга (аҳли байтга) бўлган меҳр-муҳаббати асосида маслаҳат бериб: «Бу сизнинг аҳлингиз, эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, фақат яхшилигини биламиз», деди. Аммо Алий ибн Абу Толиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизни танг қилиб қўймаган-ку, ундан бошқа ҳам аёллар кўп. Чўридан сўранг, сизга тўғрисини айтади», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барирани чақириб: «Эй Барира, унда сени шубҳалантирадиган бирор нарсани кўрганмисан?» дедилар. Барира: «Йўқ! Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мен унинг ёш қизча бўлгани учун хамир устида ухлаб қолиб, қўй келиб уни еб қўйганидан ортиқуни айблайдиган бирор иш кўрмадим», деди.
Ўша куниёқ Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам туриб, Абдуллоҳ ибн Ўбай ибн Салулнинг узр сўрашини талаб қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Аҳлим борасида менга озор етказган кишидан мен учун ким ўч олади? Аллоҳга қасамки, мен ахдимнинг фақатяхшилигини билдим.Ҳаққида фақатяхшиликни билган кишимни ҳам гап-сўз қилишди, у аҳлимнинг олдига фақат мен билан бирга кирар эди», дедилар. Шунда Саъд ибн Муъоз туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, сиз учун ундан мен ўч оламан. Агар у Авсдан бўлса, унинг бўйнини чопиб ташлайман, агар биродарларимиз -Хазраждан бўлса, сиз бизга амр қиласиз, унга нисбатан амрингизни бажарамиз», деди. Саъд ибн Убода туриб, - у Хазражнинг бошлиғи эди, у бундан аввал солиҳ киши эди, лекин ҳамият уни шунга ундади - «Ёлғон айтдинг, Аллоҳга қасамки, уни ўлдирмайсан, бунга қодир бўла олмайсан ҳам», деди. Усайд ибн Ҳузайр туриб: «Ёлғон айтдинг, Аллоҳга қасамки, уни ўлдирамиз. Сен мунофиқсан, мунофиқларнинг ёнини оляпсан», деди. Йккала қавм - Авс ва Ҳазраж қўзғалиб, ҳатто бир-бирларига ўқталишиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса минбарда эдилар, тушиб уларни тинчлантирдилар. Ниҳоят, улар жим бўлишди. У зот ҳам жим қолдилар.
Куним йиғи билан ўтди, кўз ёшим ҳам тўхтамади, кўзимга уйқу ҳам келмади. Ота-онам менинг олдимда тонг оттиришди. Роппа-роса икки кечаю бир кундуз йиғладим, ҳатто йиғи жигаримни ёриб юборса керак, деб қолдим. Мен йиғлаётган, улар менинг олдимда ўтиришган эди. Тўсатдан ансорлардан бир аёл изн сўради, мен изн бердим. У ҳам мен билан бирга йиғлаб ўтирди. Биз мана шу ҳолатда турганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келиб, ўтирдилар. У зот бундан олдин, мен ҳақимдаги гаплар айтилган кундан бери ҳузуримда ўтирмаган эдилар. Бир ой ўтди ҳамки, у зотга менинг ишим ҳақида бирор нарса ваҳий қилинмас эди. У зот шаҳодат калималарини айтдилар, кейин: «Эй Оиша, менга сен ҳақингда бундай-бундай гаплар етиб келди. Агар пок бўлсанг, Аллоҳ сени албатта оқлайди. Агар гуноҳ иш қилган бўлсанг, Аллоҳдан мағфират сўра ва У Зотга тавба қил. Зеро, агар банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам сўзларини тугатар эканлар, кўз ёшларим тиниб, бир қатра ҳам томмай қолди. Отамга: «Менинг номимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жавоб беринг», дедим. У: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», деди. Мен онамга: «Менинг номимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гапларига жавоб беринг», дедим. У ҳам: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», деди.
Мен ёш қизча эдим, Қуръондан кўп нарса ўқимаган эдим. Шунинг учун шундай дедим: «Аллоҳга қасамки, сизлар одамларнинг гапини эшитганингизни, бу нарса юрагингизга қаттиқ ўрнашиб қолганини ва уни тасдиқлаганингизни яхши биламан. Агар сизларга: «Мен покман», десам ҳам, - Аллоҳ менинг пок эканимни албатта билади - сизлар мени тасдиқламайсизлар. Агар бирор ишни эътироф этсам, - Аллоҳ менинг пок эканимни албатта билади - сизлар мени тасдиқлайсизлар. Аллоҳга қасамки, мен ўзим ва сизлар учун Юсуфнинг отасидан бошқа намуна топа олмаяпман. Ўшанда у «Энди ишим - чиройли сабр. Сиз васф қилаётган нарсада ёрдам сўраладиган Зот ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи» (Юсуф, 11) деган эди». Кейин тўшагимда ўгирилиб олдим. Аллоҳ мени оқлашини умид қилардим, лекин Аллоҳга қасамки, У Зот менинг шаънимда ваҳий нозил қилишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Қасамки, ўзимни Қуръонда менинг ишим ҳақида сўз боришидан ҳақирроқ биламан. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларида бирор туш кўриб, Аллоҳ мени оқлашини умид қилардим. Аллоҳга қасамки, у зот ўтирган жойларидан қимирламай туриб, уй аҳлидан бирор киши ташқарига чиқмай туриб, у зотга ваҳий нозил бўлди. У кишини одатда тутадиган (ваҳий) шиддати тутди, (бундай пайтда) ҳатто қаттиқ совуқда ҳам у зотдан марварид каби тер оқарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (ваҳий) аригач, у зотнинг менга айтган биринчи сўзлари кулиб туриб: «Эй Оиша! Аллоҳга ҳамд айт! Батаҳқиқ, Аллоҳ сени оқлади», дейиш бўлди. Шунда онам менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (таъзим қилиб) ўрнингдан тур», деди. Мен: «Иўқ! У зотга ўрнимдан тур-майман, Аллоҳдан бошқага ҳамд ҳам айтмайман», дедим. Ўшанда Аллоҳ таоло «Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир...» (Нур, 11) оятларини нозил қилган эди.
Аллоҳ менинг пок эканлигим ҳақида мана шуларни нозил қилгач, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анху - у Мистаҳ ибн Усосага қариндош бўлгани учун инфоқ қилиб турарди - «Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида айтган гапидан кейин Мистаҳга ҳеч қачон ҳеч нарса инфоқ қилмайман», деди. Шунда Аллоҳ таоло «Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар яқин қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (инфок,) бермасликка ҳасам ичмасинлар, бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳнинг сизларни мағфират ҳилишини истамайсизми?! Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Нур, 22) оятини нозил қилди. Абу Бакр: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мени мағфират қилишини истайман», деди. Шундай қилиб, ўзи илгари ёрдам қилиб юрган Мистаҳга ёрдам қилишга қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳшдан менинг ишим ҳақида сўраб, «Эй Зайнаб, (у ҳақда) нима биласан? Нима деб ўйлайсан?» дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен қулоғим ва кўзимни (ёлғондан) сақлайман. Аллоҳга қасамки, у ҳақда фақат яхшиликни биламан», деди. Ҳусн ва мавқеда мен билан бўйлашадиган ҳам у эди, Аллоҳуни парҳезкорлиги сабабли сақлаб қолди» (Бухорий ривояти).

12. (Эй мўминлар), уни эшитган пайтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин бўҳтон-ку!» дейишса бўлмасмиди?!
Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтяптики, ифк-бўҳтон воқеасини эшитганингизда туҳматга қолган мўмин ва мўмина инсонлар ҳақида яхши гумонга бориб, “Бу ифк ахир ғирт бўҳтон-ку”, десангиз бўлмасмиди? Туҳматга учраган инсонларнинг нақадар пок ва айбланаётган гуноҳлардан четда эканларини яхши билардингиз-ку! Нега улар бошига туҳмат балоси келганида уларни оқламадинглар, туҳматчиларнинг хуружи ва бўҳтонидан ҳимоя қила олмадинглар?
Ушбу оятда ифк ҳодисаси содир бўлганда мусулмонлар оммасининг ўзларини лоқайд ва бепарво тутганлари танқид қилинмоқда. Ҳамма ёққа ёлғон гап тарқаб, бўҳтон авж олиб бораверди, мусулмонлар бунинг уйдирма эканини билиб туриб ҳам инкор этмадилар, иғвогарларнинг оғзига уришмади, уларнинг таъзирини бериб қўйишмади. Улар бўҳтонни кучайтиравердилар, мўминлар эса жим юришаверди. Аслида эса ифкни эшитган вақтда мўминлар ва мўминалар яхши гумон қилишлари керак эди. Яъни, улар туҳматга қолганларнинг ўрнига ўзларини қўйиб кўришлари, «Иўқ, бу иш бўлиши мумкин эмас, мен уларнинг ўрнида бўлсам, бундай қилмас эдим» дейишлари керак эди. Улар диндошлари ҳақида яхши гумон қилиб, туҳматга ишонмасликлари, «Бу ёлғон гап, мусулмон одам бундай қилмайди» дейишлари керак эди. Мўминлар оммаси ифкни эшитган вақтда: «Бу очиқ-ойдин туҳмат-ку!» деб, иғвогарларнинг юзига очиқ айтишлари керак эди! Шу йўл билан динларини, Пайғамбарларини, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли-оилаларини ҳимоя қилишлари лозим эди. Лекин улар бундай қилишмади, ҳатто айримлари ифкчиларнинг гапини тасдиқлашгача боришди.
«Ифк ҳодисаси» номи билан машҳур бўлган ҳодисанинг тафсилотлари мана шулардан иборат. Бу ҳодисадан Ислом дунёси қаттиқ изтиробга тушган, мўмин-мусулмонларнинг тинчи-ороми бузилган. Мунофиқларнинг разил бўҳтонидан сўнг мусулмонлар бирлиги ва бирдамлиги хавф остида қолган. Қуруқ туҳмат, бўҳтон шундай балоки, у ҳар қандай жамиятни парокандаликка солади, одамларнинг тинчини бузади. Ифк ҳар қандай шахсни ҳам, ҳар қандай жамиятни ҳам катта ташвишга солади. Ифк катта-кичикни ажратиб ўтирмайди, кимга нисбатан уюштирилса, ўшанинг қалбини вайрон, хаёлини паришон қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг поклиги ва тақвосига асло шубҳа қилинмайдиган, вафо ва садоқатда ҳаммага ибрат бўлган жуфти ҳалоллари, мўминлар онаси, Абу Бакр Сиддиқдай улкан саҳобанинг қизи бўлмиш Оиша розияллоху анҳога қилинган бу туҳмат туфайли у қаттиқ маломатга қолди, қалби вайрон бўлди, бир неча кунни сўнгсиз азоб ва йиғи билан ўтказди. Бу мудҳиш воқеа ҳазрати Оишанинг оталари Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анхуни ҳам, волидаи меҳрибонлари Умму Румонни ҳам қаттиқ ташвишга солди, дилларини ўртади, шаън ва мартабаларига раҳна солди. Барчага ҳар соҳада маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб юрган Абу Бакр Сиддиққа қизлари ҳазрати Оиша мурожаат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беришни сўраганларида, «Нима дейишимни ҳам билмайман» деб, иложсиз қолганларини изҳор қилдилар. Ифк - иғво, туҳмат, бўҳтонга учраган иккинчи тараф - Сафвон ибн Муьаттал эса умрини Аллоҳ йўлида жиҳод билан ўтказган, Расулуллоҳнинг энг ихлосли, фидойи саҳобаларидан бўлган. Ана шундай қалби тоза, тани пок, тақводор одам ўзининг Пайғамбари, йўлбошчиси, устози, шафоатчиси Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламнинг суюкли хотинлари билан зино қилганликда туҳматга учраб турса! Умрида аёл кишининг баданига қўл теккизмаган одам шундай катта бўҳтонга дучор бўлса! Шунинг учун ҳам бу саҳоба туҳматга чидай олмай, ифкка қўшилганлардан бири - Хассон ибн Собит розияллоху анҳунинг бошига қилич билан уриб, ўлдириб қўйишига сал қолган. Яна бу воқеага дахлдор бўлиб қолган Алий ибн Абу Толиб, Усома ибн Зайд, Умму Мистоҳ, Оиша онамизга кўшилиб йиғлаган ансория аёл, Барийра ва Зайнаб бинти Жаҳш розияллоху анҳум кабиларга ҳам осон бўлмади. Оиша розияллоҳу анҳога қарши уюштирилган ифк бутун бир умматни тенгсиз ташвишга солган эди.
Туҳматдан ташвишга қолган, изтироб чекаётган умматнинг бошида унинг Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам турар эдилар. Чунки бу ифк аслида Оишаи Сиддиқа ёки Сафвон рози-яллоҳу анҳуга ҳам эмас, балки Оламлар сарвари, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши қаратилган эди. Ислом душманлари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари орқали шахсларини ёмонотлиқ қилмоқчи, Ислом динини қораламоқ-чи,унга путур етказмоқчи бўлишган эди.Ушбу воқеа туфайли у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда қийин бир аҳволга тушган эдилар. Туҳмат гап ҳамма ёққа ёйилиб кетган, одамлар оғзига тушди. Уни рад қилиш учун эса жуда кучли далил керак эди. Лекин қани ўша далил? Бунинг устига, баъзи мусулмонлар, ҳатто Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса каби кўзга кўринган одамлар ҳам ифкка қўшилиб кетишди. Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбардек зот бўҳтонга учраб, нима қилишларини билмай турибдилар. Ҳали Усома ибн Зайддан, ҳали Алий ибн Абу Толибдан, ҳали Барийра исмли асли чўри бўлган аёлдан, ҳали хотинлари Зайнаб бинти Жаҳшдан маслаҳат сўрамоқдалар. Масжид минбарида туриб, одамлардан ўз аҳлларига учраган мусибатда ёрдам сўрашга ҳам мажбур бўлдилар. Қайноталари, қайноналари хузурида энг суюкли хотинлари ҳазрати Оишага: «Ростини айт, гуноҳинг бўлса, тавба қил, Аллоҳ тавба қилганни кечиради», деб турибдилар. Бошқа вақтда келиб турган ваҳий ҳам, мана, бир ой бўлибдики, тушмай қўйди. Аммо бу ишларнинг ҳеч бири ҳикматдан холи эмас эди. Фақат ҳодиса шу қадар кутилмаган, шу қадар таҳликали ва шу қадар оламшумул эдики, ҳамма ўзини йўқотиб кўйди. Ниҳоят, барча ишни ҳикмат билан қиладиган Аллоҳ таолонинг бунга Ўзи аралашиб, ҳаммасини ўз жойига келтирди. Ваҳийини тушириб, уларда ҳазрати Оишани оқлади. Ҳамма, ҳатто Оиша розияллоҳу анҳонинг ўзлари ҳам: «Менга оқлов тушди», дедилар.

13. Улар ўшанга тўртта гувоҳ келтиришса бўлмасмиди?! Демак, гувоҳ келтира олмаганларнинг ўзлари Аллоҳ ҳузурида ёлғончидирлар.
Ушбу ояти каримада ифк ҳодисаси рўй берганида мусулмонлар жамоаси томонидан содир этилган катта бир хатолик баён қилинмоқда. Абдуллоҳ ибн Убай бошчилигидаги мунофиқлар томонидан Оиша онамизга ифк уюштирилганида улардан гувоҳ келтиришларини талаб қилиш керак эди, аммо мўминлар бундай қилмадилар. Ўшанда мунчоқларини излаш билан овора бўлиб, карвондан қолиб кетган Оиша онамизни туясига миндириб етказиб келган Сафвон ибн Муъаттал розияллоҳу анҳу туяни етаклаб, одамлар олдидан ўтди. Уларнинг орасида Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам бор эди. Абдуллоҳ ибн Убай: “Бу аёл ким?!” деб сўради. Одамлар: “Оиша”, дейишди. Шунда у: “Аллоҳга қасамки, бу унга тегмай қўймаган, у ҳам бунга тегмай қўймаган. Мана, Пайғамбарингизнинг аёли тунни биров билан ўтказибди. Энди эса ўша эркак унинг туясини етаклаб келмоқда”, деди. Мана шундай қилиб ифк (туҳмат) бошланиб кетди. Йўқ ердаги миш-мишлар урчиб, гап кўпайди. Лекин ҳеч ким на Абдуллоҳ ибн Убайдан ва на унга қўшилганлардан: «Қилаётган бу туҳматингга гувоҳинг борми? Бу гапни қаердан олиб гапиряпсан?» деб сўрамади. Аслида эса юқорида баён этилган шаръий ҳукмларга кўра бировни зинода айблаётган одам бу ишнинг бўлаётганини кўрган тўртта гувоҳ келтириши керак эди. Туҳматчилар бунга ҳеч қандай гувоҳни келтира олмадими, демак, уларнинг ўзи Аллоҳ таолонинг ҳузурида ёлғончилардир.

14. Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли-марҳамати бўлмаганида тинмай сўзлаган нарсаларингиз учун сизларни албатта улкан жазо тутар эди.
Яъни, эй мўминлар, агар дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига фазлу марҳамати ва раҳмати бўлмаганида ҳолингизга вой бўларди. Туҳматчиларнинг найрангига қўшилиб, Аллоҳнинг Пайғамбарига ва унинг аҳли-оиласига қилган бўҳтонларингиз ва тарқатган гап-сўзларингиз учун Аллоҳ иккала дунёда ҳам қаттиқ азобга гирифтор қилган бўларди. Ҳолбуки, Аллоҳ азза ва жалла сизларни бундан қутқариб қолди, Ўз ваҳийсини нозил қилиб, масалага ойдинлик киритиб берди, ифкчиларнинг кирдикорларини Ўзи фош этиб берди. Ёлғончиларнинг оғзига уриб, динларини, Пайғамбарларини ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳлларини ҳимоя қилмаганлари мусулмонлар томонидан содир этилган жиддий хато эди. Чунки бундай пайтда, яъни жуфти ҳалоллари туҳматга учраб турганида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Оишани ҳимоя қилсалар, гап яна ҳам кўпайиши мумкин эди. Бўлиб ўтган ҳодиса жуда таҳликали эди. Мўминларнинг бепарволиги билан, баъзиларининг эса бўҳтонга бевосита қўшилишлари билан вазият янада оғирлашиб кетган эди. Шунинг учун ҳам юқоридаги оятда Аллоҳ таоло шуни мўминларга эслатиб, Уз фазли-карами билан мўминлардан улкан жазони аритганини эслатмоқда. Ҳолбуки, ифкка қўшилиб, мусулмонлар улкан бир азобга лойиқ иш қилган эдилар. Бу азобни Аллоҳ таоло уларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бериши мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло уларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азобламасликка ваъда бериб, катта фазлу марҳамат кўрсатди.

15. Ўшанда сизлар уни тилингиз билан илиб олган, билмаган нарсангизни оғзингиз билан сўзлаган, уни енгил санаган эдингиз. Ҳолбуки у Аллоҳнинг наздида улкандир.
Яъни, эй мўминлар, мунофиқлар Пайғамбарим Муҳаммад алай-ҳиссаломнинг шаъни ва обрўсини хавф остига қўйиб, унинг оиласини бадном қилишга ҳаракат бошлашганида сизлар бунга кескин чек қўйиш ўрнига ифкчиларнинг туҳматларига қўшилиб кетдингиз. Бу иғво гапларни оғиздан-оғизга, тилдан-тилга кўчириб, билмаган нарсаларингизни ҳамма ёққа тарқатдингиз. Ифк воқеасини сизлар осон санадингиз, ваҳоланки бу Аллоҳнинг наздида жуда улкан гуноҳдир, кечирилмас туҳматдир. Ифк масаласида сизлар фақат тилингизни ишлатардингиз, ақлингизни ишлатиб, гапингизни ўйлаб кўрмас эдингиз. Ифкни тилларингиз билан илиб олардингиз, туҳматни жуда тез қабул қилар эдингиз. Гап аслида оғиздан чиқади, бунга қўшимча равишда яна «оғзингиз билан» дейиш ҳам гапнинг моҳиятига аҳамият бермай, оғзига келганини гапираверишга ишорадир. Одамлар айниқса, ифк ҳодисасига ўхшаш ҳолатларда ўйламай-нетмай, тилларига эрк бериб, оғизларига келганини гапираверишни одат қилиб олишади. Эътибор бермай гапираверишадию, аммо ана шу гаплари оламни ларзага солаётганидан, бир неча кишининг ҳаётини барбод қилаётганидан бехабар бўлишади. Шунингучун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг давомида ифкни енгил санамасликни, бу нарса Аллоҳнинг наздида улканлигини эслатмоқда. Ифкда қатнашган ҳар бир кишининг қилган амали, бўҳтонига яраша гуноҳи бордир. Демак, улар мутлақо жазосиз қолишмайди. Бу гуноҳ ишнинг каттасини ўзига олиб, ифкка бош бўлган одамга - Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулга эса улкан азоб бордир. У қиёмат куни албатта бу азобга дучор бўлади.

16. Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапириш тўғри эмас. Парвардигоро, Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» десангиз бўлмасмиди?!
Бундай пайтда ҳар бир мўминдан талаб қилинадиган йўл шу. Мўмин-мусулмонларга қарши тўқилган миш-миш, ифку бўҳтонни эшитиб, унга қўшилиш ёки индамай қараб туриш мутлақо тўғри келмайди. Бундай пайтларда ҳар бир мўмин киши дарҳол: «Буни бизга гапириш тўғри келмайди», бизлар мўмин-мусулмонмиз, иғво, бўҳтон ва туҳмат гапларни гапиришни динимиз ҳаром қилган» дейиши керак эди. Таги йўқ туҳматни эшитган заҳотингиз: “Парвардигоро,Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» десангиз бўлмасмиди?! «Бизни ҳам бу ифкка ўхшаш гуноҳлардан пок қилгин» десангиз бўлмасмиди?! Ана ўшанда мўминларга хос ва муносиб ишни қилган бўлар эдингиз. Сизлар эса бундай қилмадинглар, мўминларга муносиб йўлни тутмадинглар. Оиша розияллоҳу анҳо Урвага ифк воқеасини сўзлаб бераётиб, гапларининг орасида шундай деди: “Абу Айюб Ансорийга хотини “Эй Абу Айюб, одамлар нима деяётганини эшитдингизми?” деди. У: “Нима дейишяпти?” деди. Хотини унга ифк аҳлининг гапларини айтиб берди. У: “Бу миш-мишни сўзлаш бизга жоиз эмасдир, Эй пок Роббимиз, бу улуғ бўҳтон-ку!” деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди”.

17. Агар мўмин бўлсангиз, бунга ўхшаш нарсаларга ҳаргиз қайтмаслигингизни Аллоҳ сизларга насиҳат қилади.
Бўлар иш бўлиб ўтди. Аммо энди сизлар бунга ўхшаш ишларни бундан кейин асло такрорламанглар. Аллоҳ таолонинг сизларга ваъз-насиҳат қилиб айтадиган гапи шудир. Мўмин киши Аллоҳ таолонинг Ўз Расули орқали юборган насиҳатларига сўзсиз амал қилувчи, қайтарган ишларидан четда бўлувчилардир. Бу муҳим гапнинг «Агар мўмин бўлсангиз...» деган шартдан кейин айтилиши ҳам муайян ҳикматга эга. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: «Гуноҳ икки хил бўлади: сен ва Парвардигоринг орасидаги гуноҳ ҳамда сен билан бандалар орасидаги гуноҳ. Аллоҳ таоло билан сенинг орангдаги гуноҳнинг тавбаси тил билан истиғфор айтиш, юракдан пушаймон бўлиш ва шу гуноҳга қайтмасликни қасд этиш билан бўлади. Агар буларни қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечади. Агар гуноҳда Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлса ва ўша ҳақ шаръий жазога лойиқ бўлсаю, уни биров билмаган бўлса, ўша гуноҳ яширин ҳолда қолгани яхши. Агар фарзларидан биронтасини ташласа, у пайтда то ўша бажармаган ибодатини қилмагунича тавбаси фойда бермайди. Кейин пушаймон ейди ва истиғфор сўрайди. Аммо сен билан бандалар орасидаги гуноҳ бундай: улар рози бўлмасалар, то ораларингни очиқ қилмагунларингча тавба сенга фойда бермайди! Яъни, мазлумнинг хдққини қайтариш, рози қилиш (ўзидан ри-золик сўраш) зарурдир. Киши хусуматчисини бу дунёда рози қилмаса, охиратда унинг яхшиликларидан олиниши ҳақида хабар келган».

18. Аллоҳ сизларга оятларни баён қилади. Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир.
Аллоҳ таоло бандаларини поклаш, уларни жамиятларда илдиз отган ифк каби ҳодисалар, покдомон кишиларни зино ва бошқа бузуқликларда айблаш каби ишлардан қайтариш учун оятларини мана шундай баён қилиб беради. Мана, уларга «Ифк ҳодисаси» ҳақидаги сиру асрорларни ҳам муфассал баён қилиб берди. Чунки У Зот ҳар бир нарсани билиб туради, ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади. Аллоҳтаоло айтади: “Зотан Парвардигорларининг азобидан ҳеч ким хотиржам эмасдир. Уларяна авратларини (зинодан) саклов-чилардир” (Маориж, 28-29).

19. Имон келтирганлар ичида бузуқликлар тарқалишини яхши кўрадиганларга дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар эса билмассиз.
Ушбу ояти каримада ифк ҳодисасига тааллуқли баъзи бир ҳукмлар ва улардан олинадиган ибратлар ҳамда натижалар ҳақида фикр юритилади: кишилар орасида фаҳш, бузуқ, уятсиз, одобсиз гапларни тарқатиш нақадар катта гуноҳ эканини ушбу оятдан билиб оламиз. Ифк ҳодисаси давомида миш-миш гаплар кўпайди, яъни зино ҳақида бўҳтон тарқатилди. Бу иш оятда фаҳш ишни ёйиш билан баробар қўйилмоқда. Ҳукм умумий ҳолда айтилмоқда. Демак, фаҳш ишлар ҳақида миш-миш тарқатиш ўша ишнинг ўзига тенг, баробар бўлар экан. Фаҳш гапларни гапириш, унга тааллуқли бошқа ишларни қилиш ва сўзларни тарқатиш, фаҳшга тарғиб қилиш, унга сабабчи бўлиш - буларнинг бари аламли азобга лойиқ улкан гуноҳ ишлардандир. Ислом фаҳш ишни ман қилар экан, унга олиб борадиган барча сабабларни ҳам тақиқлайди. Зино ҳаром, уни қилган одам гуноҳкор бўлади. Ўша гуноҳкор жазога тортилар экан, демак зинога тааллуқли, унга олиб борадиган ҳамма воситалар ҳам ман этилади. Зино, жинсий алоқа тўғрисида турли уятсиз гапларни тарқатиш кишиларнинг одоб-ахлоқини бузади, одамларни ўша ишга чорлайди, жамиятни одобсизлар, ахлоқсизлар, бузуқлар жамиятига айлантиради. Шунинг учун ҳам фаҳш гапларни гапириш динимизда ман қилинади. Агар бир одамнинг ҳужжат-далили бўлса, жиддиятни кўзласа, керакли жойга бориб гапирсин. Гувоҳлар келтириб, зинокорларни жазолашни йўлга қўйишда хизмат қилсин. Шунда у мусулмонлар жамиятини поклашга ўз ҳиссасини қўшган бўлади. Аммо бекордан-бекорга кишиларда шаҳватни қўзғатадиган, беодоб хаёлларни уйғотадиган гапларни сўзламасин, бемаза ишларни қилмасин. Акс ҳолда, аламли азобга дучор бўлади. Оят охирида «Аллоҳ билади, сизлар эса билмассиз», дейилмоқда. Шундай бўлгач, гапни чўзмай, баҳоналар ахтармай, Аллоҳнинг айтганини дарҳол бажо келтиринг.

20. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли-марҳамати ҳамда Аллоҳ шафқатли, раҳмли бўлмаса эди...
Агар Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати бўлмаганида, агар Аллоҳ азза ва жалла Ўз зотига муносиб шафқатли ва раҳмли бўлмаганида ифк ҳодисасининг барча иштирокчилари - туҳмат-бўҳтонларни тарқатганлар ҳам,ўзлари билмаган ҳолдаунга аралашиб қолган имонли кишилар ҳам Аллоҳнинг улкан азоби ва жазосига қолган бўлишар эди. Аммо Аллохнинг фазли улуғ, раҳмати кенг, Унинг меҳр-шафқати дунёдаги жамики махлуқотни қамраб олган. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларида бир неча лафзда келтирилган бир ҳадис бор. Уни ўрганиб чиқилса, қуйидагича хулоса келиб чиқади: ўтган умматлар ичида бир кафан ўгриси бўлган экан. У умр бўйи ўликларнинг кафанини ўғирлаб тирикчилик қилибди. Аммо унинг қалбида тавҳид - ёлғиз Аллоҳга бўлган имон яхши ўрнашган экан. Ҳаёти охирлаб, кўзига ўлим кўринганда қилган ишларидан қаттиқ надомат қилибди. Аллоҳнинг азобини ўйлаб, даҳшатга тушиб, ҳатто ақлдан озаёзибди. Энди қилган ёмонликларини яхшилик билан ювишга етарли имконияти қолмаганига кўзи етгач, нима қилишини билмай, ўғилларига васият қилибди: «Ўлганимдан кейин қуруқ суягим қолгунича мени ўтда ёқинглар. Кейин устихонларимни туйиб-янчиб, толқонини дарёга олиб бориб, шамол турган вақтда ҳавога сочиб юборинглар. Чунки агар Аллоҳ мени тутса, гуноҳим кўплигидан мени шундай азоблайдики, ҳали бирор кишини бундай азобламаган». Ўша одам ўта жоҳиллигидан ана шундай қилиб Аллоҳнинг азобидан қутилиб қолмоқчи бўлади. У ўзича Аллоҳ зарраларимни жамлай олмайди деб ўйлайди. Фарзандлар отанинг васиятини бажаришди. Аммо Аллоҳ таоло бир амр билан унинг зарраларини жамлади ва бус-бутун ҳолида тирилтирди. У эса Аллоҳнинг хузурида ҳайрону лол бўлиб турар эди. Шунда Аллоҳ ундан: «Эй бандам, нега бундай қилдинг?», деб сўради.У: «Эй Роббим, Сендан қаттиқ қўрққанимдан шундай қилдим. Сенинг қўрқинчинг, хавфинг мени шу ишни қилишга олиб борди», деди. Шу пайтда Аллоҳнинг фазлу марҳамати жўш урди. Бандасининг ҳолига раҳми келди. Бандасининг Аллоҳнинг азобига тўла ишонгани ва Ундан қаттиқ қўрққанини эътиборга олиб, Аллоҳ таоло Ўз фазли билан уни мағфират қилди. Аллоҳнинг азобидан бўлган кўрқинч сабабли ақл-ҳуши учиши натижасида қилган мазкур нотўғри тасарруфини ҳам кечирди.

21. Эй имон келтирганлар, шайтоннинг изидан эргашманглар. Ким шайтон изидан эргашса, (у) албатта бузуқлик ва ёмонликка буюради. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида, ичингиздан бирор киши абадул-абад поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклайди. Аллоҳ эшитувчидир, билувчидир.
Ушбу ояти каримада ифк ҳодисасида бўлгани каби миш-мишларга берилиб, тўғри келган гапни тиллар билан илиб олиб, оғизлар билан гапиравериш шайтоннинг изидан эргашиш экани, бунинг оқибати ёмон бўлиши ва яна Аллоҳнинг фазли билангина мўминларга яхшилик етиши баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло мўмин бандаларига хитоб қилиб айтяптики, поқцомон кишилар ҳақида ана шундай туҳмат-бўҳтон тарқатувчиларга ўхшаб шайтоннинг изидан эргашиб юрманглар. Қиёматгача одамзодга ёмонлик қилиш, уни йўлдан уришга чоғланган шайтон албатта бузуқ ишлар, ёмонликларга бошлайди. Шайтоннинг табиати шу, унинг ичган қасами шундай. Ифк ҳодисаси ҳам шунинг ёрқин мисолидир. Бу ҳодисада ҳам шайтон ўзига эргашганларни фаҳшга, мункар ишга буюрди. Оқибатда ким унга эргашган бўлса, гуноҳкор бўлди. Агар Аллоҳ азза ва жалланинг фазлу марҳамати бўлмаса, бундай қийин аҳволга тушиб, қуруқ туҳматларга учраганлар абадулабад бу туҳмат доғидан қутула олмаган бўлур эди. Аллоҳ Ўз ваҳийларини юбориб, ифк туфайли қийноққа тушганларни поклаб, уларнинг номларини оқлади. Аллоҳ хоҳлаган кишисини поклайди. Оиша розияллоҳу анҳони ҳам, туҳматга учраган бошқаларни ҳам оқлади. Аммо туҳматни уюштирган мунофиқ кимсаларни, Ислом душманларини оқламади, уларнинг ҳисоб-китобини охиратга қолдирди. Покиза одамларни зинода айблаб, туҳматнинг гуноҳига ботиб, шу гуноҳ билан булғанган кимса охиратдаги жазога гирифтор бўлиб боради. Аллоҳ таоло Ўзи билиб, ҳақиқий мўминларни ифк ҳодисаси гуноҳларидан поклади. Мусулмонлар жамоасини ҳидоятга солди, ифк ҳодисасидан ўзларини ўнглаб олишга имкон берди. Билмасдан ифкка қўшилиб қолган ҳақиқий мўминлар - Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса ва Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳумни эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қазфнинг (зинода айблашнинг) ҳаддини қоим қилиш билан оқладилар. Уларнинг ҳар бирига саксон даррадан урилди. Бу эса, ўз навбатида уларни поклаш, улар учун бахт-саодат эди. Бу ҳол Аллоҳ таоло уларни поклашга лойиқ яхши одамлар деб топганидан эди. Чунки поклашга сазовор бўлмаганларга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарра уришни буюрмадилар. Жумладан, фитнанинг боши Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва унинг энг яқин шериги Зайд ибн Рифоъаларга ҳам дарра урдирмадилар. Бу мунофиқлар мўминлар учун жорий қилинган покловчи жазога сазовор одамлар эмас эди. Улар охиратга гуноҳларини бутун ҳолда кўтариб боришлари керак эди.
Уламоларимиз мусулмонлар оммасининг қалблари нақадар пок эканига намуна сифатида ифк воқеаси рўй берганда Абу Айюб Ансорий ва у кишининг хотинлари розияллоҳу анхумо орасида бўлиб ўтган қуйидаги суҳбатни келтиришади: «Абу Айюб Ансорий Умму Айюбдан: “Оиша ҳақида нима дейилаётганини кўряпсанми?” деб сўради. Шунда Умму Айюб розияллоҳу анҳо: “Агар сен Сафвоннинг ўрнида бўлганингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари ҳақида ёмон гумон қилган бўлармидинг?” дебди. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу: “Йўқ!” деб жавоб қайтарибди. Шунда Умму Айюб розияллоху анҳо: “Оишанинг ўрнида бўлганимда мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хиёнат қилмас эдим. Демак, Оиша мендан яхши, Сафвон сендан яхши”, деди».

22. Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳ йўлида муҳожир бўлганларга ҳеч нарса бермасликка қасам ичмасинлар, балки уларни афв қилиб-кечирсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Оиша розияллоҳу анҳонинг ўзлари ушбу ояти карима ҳақида шундай деганлар: «Аллоҳ таоло мени оқлаш учун Ўз оятларини нозил қилганида қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турган Абу Бакр Сиддиқ: «Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мени мағфират қилишини яхши кўраман”, дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: “Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман”, дедилар». Оиша розияллоҳу анҳо яна шуларни айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ишим ҳақида Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳам сўраган эканлар. У зот: “Эй Зайнаб, нима билгансан, нима кўргансан?” дебдилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳақида фақат яхшиликни биламан”, дебди Зайнаб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ичида фақат Зайнабгина мен билан шуҳрат талашар эди. Аммо тақводорлиги туфайли Аллоҳ таоло уни сақлади. Аммо синглиси Ҳамна ифк эгалари билан бирга ҳалок бўлди».
Ҳақиқий мўминлардан фақат уч кишигина бу иғвога кўшилиб қолди: Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса ва Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳум. Бу уч кишига бўлган муносабатларда ҳам мусулмонларнинг фазилатлари намоён бўлди. Қариндоши Мистоҳга нафақа бериб турган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ифкдан кейин ундан нафақани узишни ирода қилган эдилар, бу ишга Аллоҳнинг Ўзи аралашди, нафақани узмаслик, балки юракни кенг қилиб, айбдорни афв этиш лозимлигини баён этди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дарҳол бу амрга бош эгиб, Мистоҳни афв қилдилар, нафақа беришни давом эттирдилар. Авваллари биров орқали юборадиган бўлсалар, энди ўзлари олиб бориб берадиган бўлдилар. Оиша розияллоҳу анҳо бўлса, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуни ўта ҳурмат қиладиган бўлди. У кишига доимо яхшилик қилар, тавозуъ ила муомалада бўлар, хузурига кирса, ёстиқ қўйиб берар эди. Баъзилар «Ахир бу одам сизга қарши ифкка қўшилган эди-ку», дейишганида, «У Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламни ҳимоя қилган эди», деб жавоб берганлар. Ривоятларда келишича, Оиша онамиз бир куни: «Мен Ҳассоннинг шеъридан яхшироқ шеър эшитмадим, қачон унинг шеъридан мисол келтирсам, унга жаннатдан жой берилишини сўрайман», деганлар. Бу даражадаги гўзал Ислом ахлоқининг намоён бўлишига ҳам ифк ҳодисаси сабаб бўлди. Шу билан бирга, ушбу ҳодиса туфайли мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётларида келажакда рўй беражак кўплаб ноқулайликларни бартараф этадиган қонун-қоидалар жорий қилинди. Ушбу ҳодисанинг бошқа бир ҳикмати шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайбни билмасликлари, Аллоҳ таоло нимага буюрса, шуни адо этишлари яна бир бор тасдиқланди.
Аллоҳ таоло мўминларни бир-бирларини афв этиб, кечириб юборишга чақириш билан бирга, «Аллоҳнинг сизларни мағфират қилишини севмайсизларми?!» деб, биродарини кечирган мўмин мағфират қилинишини эълон этмоқда. Шунинг учун ҳам мўминлар бир-бирларининг гуноҳларини кечириб юбордилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда бош бўлдилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзларига бўҳтон қилган Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга қандай яхши муомалада бўлганларини юқорида эслатиб ўтдик. Ислом жамияти доимо ана шундай шаклда покланиб бормоғи лозим. Вақтида ўзини ўнглаб, тавба қилган кишиларни Аллоҳ таоло мағфират этиб, жабрланган мўминларга ҳам уларни кечиришни буюради. Аммо тавба қилмасдан, нобакорлигида давом этиб, покиза кишиларни нопок ишларда айблаб юрганларга мағфират йўқ, бу дунёда азоб-уқубатдан қутулиб кетсалар ҳам, у дунёда албатта жазоларини оладилар.

23. Албатта (фаҳшдан) бехабар, иффатли мўмина аёлларга бўҳтон қилганлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатланишади. Уларга улкан азоб бордир.
Ушбу ояти карима ўзини покиза сақлаган, покдомон ва иффатли аёлларни зинода, бузуқликда ва фоҳишаликда айблаш, уларга бўҳтон тоши отиш, туҳмат қилиш ниҳоятда қабиҳ ва расво иш эканига далилдир. Мўминаларни зинода ёки бошқа фаҳш ишларда айблаганларга дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънат ва қаттиқ азоб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Еттита ҳалок қилувчи ишдан сақланинглар”, деб улар орасида “бузуқ ниятда бўлмаган, покиза, мўмина аёлларга туҳмат қилиш”ни ҳам санаб ўтганлар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Айрим жоҳил кимсалар беҳаё, шалоқ сўзларни айтишга, сўкиниб гапиришга одатланиб қолишган. Улар мана шу сўзлари билан дунёда гуноҳкор, охиратда улкан азобга гирифтор бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Банда ўйламасдан бирор сўзни айтадида, шу сабабли машриқ билан мағриб орасидаги масофадан узунроқ масофага дўзахга қулайди”, деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

24. У Кунда тиллари, қўллари ва оёқлари қилиб юрган амаллари ҳақида уларга қарши гувоҳлик беради.
Покдомон ва бузуқликдан йироқ аёлларга туҳмат-бўҳтон қилганларга, уларга қарши ёлғон гувоҳлик берганларга қиёмат куни қаттиқ ҳисоб-китоб ва улкан азоблар бордир. Агар улар қилмишларидан тонгудай бўлишса, уларнинг тиллари, қўллари ва оёқлари эгаларининг зиддига гувоҳлик беради. Нима гапирганларини, нима иш қилганларини очиқ-ойдин, асло рад этиб бўлмайдиган ҳолатда айтиб беради. Айрим жоҳил кимсалар беҳаё сўзларни айтишга одатланиб қолишган. Ҳолбуки, улар мана шу сўзлари билан дунёда гуноҳкор, охиратда қаттиқ азобга гирифтор бўлишади. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан жуда кўп ҳадислар келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ким кулига «зинокор» деб туҳмат қилса, қиёмат кунида унга ҳад (жазо) қўлланади. Агар гапи рост бўлса, жазо қўлланмайди» (Бухорий ва Муслим ривояти); Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам фарзанди хатоларининг аксарияти тилидандир», деганлар» (Табароний, Байҳақий ривояти); бошқа бир ҳадиси шарифда: «Ким Аллоҳ ва охират кунига ишонар экан, унда яхши гап гапирсин ёки сукут сақласин», дейилган (Бухорий ва Муслим ривояти); Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Мўмин таъна қилувчи, лаънат айтувчи, ахлоқсиз ва беҳаё сўзловчи бўлмайди», деганлар (Термизий ривояти).

25. Ўша Кунда Аллоҳ уларнинг ҳақ жазоларини тўлиқ беради ва улар Аллоҳнинг шубҳасиз ҳақ эканини билишади.
Яъни, қиёмат куни Аллоҳ таоло уларга тегишли ҳақ жазони адолат билан тўла-тўкис қилиб беради. Ана ўшанда бу дунёда улар ишонмай юрган Парвардигорларининг шубҳасиз ҳақ эканини, Унинг ваъдаси ҳам ҳақ эканини, Унинг ҳукми дунё ва охиратда баравар кучда бўлишини яхши билиб олишади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Етти ҳалок қилувчи гуноҳдан четда бўлинглар”, дедилар. Одамлар: “Улар қайсилар, эй Аллоҳнинг Расули?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ширк келтириш; сеҳр; Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш; рибохўрлик қилиш; етимнинг молини ейиш; урушда орқага қочиш; покиза, ғофила, мўмина аёлларга туҳмат қилиш” (Бухорий ва Муслим ривояти). Ҳузайфа розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Покиза аёлга бўҳтон тоши отиш юз йиллик амални бузади», деганлар (Табароний ривояти).
Ифк ҳодисаси ҳақидаги оятларни Аллоҳ таоло қуйидаги оят билан якунлайди:

26. Нопок аёллар нопок эркаклар учундир, нопок эркаклар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир, покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Айнан ўшалар улар айтаётган бўҳтонлардан покдирлар. Уларга мағфират ва карамли ризқ бордир.
Ифк, яъни Пайғамбар алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳога қилинган туҳмат ҳодисаси Ислом тарихида алоҳида оғриқли ҳодиса сифатида тилга олинади. Мунофиқларнинг ҳазрати Оишага қилган туҳмати орқали Аллоҳ таоло Ислом жамиятининг маънавий асосларидан бўлган поклик, зино ва бошқа бузуқликлардан четда бўлиш, мусулмонларни ноҳақ айбламаслик ёки уларга туҳмат қилмаслик каби таълимотларни баён қилиб берди. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло исломий жамият ҳаётидаги муҳим бир асосни баён қилмоқда. У ҳам бўлса, нопок одамларнинг ўзларига ўхшаган нопоклар билан топишиши, ўз навбатида, покиза, покдомон инсонлар ўзларидек покиза, соф қалбли инсонлар билан топишишидир. Асли ва дили нопок кимсадан ҳамиша нопоклик содир бўлади. У ўзига ўхшаган нопокларнигина ёқтиради, улар билан топишади, доим улар билан бирга бўлади. Лекин бундайлар пок кишиларга қўшила олмайди. Шунингдек, поқдомон киши ҳам доимо поклик, ахлоқий назофат асосида яшайди. Пок кишиларни қидиради, топади, улар билан бирга бўлади. Эр-хотинлик масалаларида ҳам шундай йўл тутилади. Пок хотинлар пок эрларга турмушга чиқишади, нопок хотинга эса нопок эр тўғри келади. Агар нопок билан пок бирлашиб қолса, бу оила риштаси узоққа бормайди. Чунки пок билан нопокнинг бирга бўлиши амри маҳол. Шундай бўлгач, Аллоҳ пок қилиб яратган, пайғамбарликка танлаган зот - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз покиза жуфтлари Оиша розияллоҳу анҳони бошқа барча аёлларидан ҳам яхши кўришлари бу аёлнинг ниҳоятда поклиги сабабидан экани аён бўлади. Ҳазрати Оишада заррача нопоклик бўлганида бу муҳтарама аёлни Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалар яхши кўрмаган бўлардилар. Ушбу ҳодиса орқали Аллоҳ таоло ана шундай пок эр ва аёллар бўҳтончиларнинг уларга қўяётган айбларидан пок эканларини баён этиб, уларга бу дунёда мағфират - гуноҳларининг кечирилиши ва охиратда гўзал ризқ, яъни жаннат борлигининг хабарини бермоқда.
Шу билан ифк ҳодисаси - мусулмонлар жамоасини катта мусибатга солган ҳодиса ҳақидаги оятлар ниҳоясига етди. Бу ҳодиса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини, у зотнинг оилаларини, барча исломий оилаларнинг поклигини Аллоҳнинг Ўзи сақлашини яна бир карра исбот этиб берди. Нур сурасининг аввалидан ушбу оятигача жамиятда содир бўлиши мумкин бўлган бузғунчиликлар, зино, зинода айблаш, гуноҳсиз одамлар ҳақида бузуқи миш-мишлар тарқатиш хусусида, уларнинг жазоси, оқибати ҳақида сўз кетди. Эндиги оятларда эса ўша бузғунчиликларнинг олдини олиш, Ислом жамиятида бу каби ишларнинг юз беришига йўл қўймаслик чоралари баён этилади.

27. Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирманглар! Мана шундай қилишингиз сизларга яхшидир. Шоядки, эслатма олсангиз.
Ушбу ояти каримага биноан, бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам уй эгасининг изни-рухсати билангина ва у ердаги хонадон эгаларига салом бериб кириши лозим. Ушбу оятга амал қилмоқчи бўлганлар бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб киришади, шундагина турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганини кўриб қолса, гуноҳкор бўлади. Икки томон ҳам хижолатда қолади. Ҳатто рухсат сўрамай кириб қолганда эр ёки хотин рашкчи бўлишса ёки ноқулай вазиятда турган бўлсалар, можаро, уруш-жанжаллар чиқиши ҳам мумкин. Бордию сизга таниш ёхуд қадрдон одамнинг хонадонига рухсат сўрамай кирсангиз, фитна ёки бўҳтонга учраб қолишингиз, ҳатто айрим ҳолларда ўша оиланинг бузилиб кетишига сабабчи бўлишингиз, энг оддий ҳолатда қаттиқ хижолатликда қолишингиз мумкин. Чунки эр киши бировникига келсаю уйда эркаги бўлмаса ёки аёл киши келсаю уйнинг аёли йўқ бўлса, шундай ҳолатларда бехосдан уйига кириб келган эр ёки хотин ножўя хаёлларга бориши мумкин. Бундай фитнага сабаб бўлувчи ҳолатлардан доимо узоқ юриш керак. Бирор бегона уйга кирмоқчи бўлсангиз, кўча эшиги олдида икки-уч дақиқадан вақт ўтказиб уч марта тақиллатасиз ёки эшик қўнғироғини чаласиз. Шунда ҳам жавоб бўлмаса, қайтиб кетиш керак бўлади. Агар бировникига кирмоқчи бўлсангиз, салом бериб уч мартагача киришга ижозат сўрайсиз. Уй эгаси алик олиб, ичкарига таклиф қилсагина уйига кирасиз.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин...» дедилар» (Бухорий ривояти). Чунки уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган шахсни қабул қилиш имконлари йўқ бўлиши мумкин. «Изн» деганда уй эгасининг ёки у томондан вакил қилинган шахснинг рухсатиизни кўзда тутилади. Уйга эга бўлмаган ёки уй эгаси томонидан вакил қилинмаган одамнинг изни ҳисобга ўтмайди. Изн сўровчи хиралик қилмаслиги, одоб билан уч мартагача изн сўраши, жавоб бўлмаса, қайтиб кетиши лозим. Изн сўраш авваллари овоз чиқариб чақириш ёки дарвозани тақиллатиш билан бўлган, ҳозирда махсус қўнғироқни чалиш ёки уй телефони орқали бўлиши мумкин.
Ибн Собитдан ривоят қилинишича, ансорлардан бир аёл келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен уйимда шундай ҳолатда бўламанки, бу ҳолимда мени биров кўришини хоҳламайман. Отам ҳам, болам ҳам кўрмаслигини истайман. Лекин отам олдимга кириб келаверади. Шундай ҳолимда ҳам оиламдаги эркаклар олдимга кириб келишаверади. Мен нима қилай?” деди. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлди.
Жоҳилият даври арабларда кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, уларнинг шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш маданияти йўқ эди. Бировнинг уйига «Тонгги салом!», «Кечки салом!» деб тўғри кириб боришаверарди. Уйда аёллар борлиги, уй эгаларининг турли ҳолда бўлишлари мумкинлиги мутлақо мулоҳаза қилинмас эди. Бу эса ўтакетган беодоблик бўлиб, турли ёмонликларга, гап-сўзларга сабаб бўлувчи хатарли ҳолатлардандир. Шунинг учун ҳам Исломда ушбу ояти карима билан ҳар бир кимсанинг шахсий ҳурмати, уйнинг дахлсизлик ҳуқуқи жорий этилди. Исломда биров яшаб турган жойга бошқа шахснинг, ким бўлишидан қатъи назар, ўша жой соҳибининг изнисиз киришга ҳаққи йўқ. Динимизда бировнинг уйига рухсатсиз киришгина эмас, балки назар солиш ҳам, ҳатто мактубини изнсиз ўқиш ҳам тақиқланади.
Исломда шахснинг дахлсизлиги ниҳоятда юқори даражада ҳимоя қилинади. Бировнинг уйига рухсатсиз кириб бориш у ёқда турсин, рухсатсиз қараш, кўз ташлаш ҳам мумкин эмас. Чунки ичкарига кўз ташлаган одам уй эгасини, унинг аҳли-аёлини ҳар хил ҳолатда кўриши, бошқалардан сир тутган нарсаларидан воқиф бўлиб қолиши мумкин. Яна бошқа кўпгина нокулай ҳолатлар вужудга келиши эҳтимоли бор. Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик ҳаром бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик ҳаромдир.
Бировнинг ҳузурига киришга изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Мусулмон кишилар ушбу исломий одобларга амал қилишлари лозим. Аввало, изн сўраётган одам ҳовлига, уй ичига назар солмай, бошқа томонга қараб туриб, изн сўраши керак. Абу Довуд Ҳузайл ибн Шураҳбийлдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига қараб туриб, изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен ундай ёки бундай тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир», дедилар».
Ўз уйингиздан бошқа барча хонадонларга, уйларга изн сўрамасдан ва салом бермасдан кирилмайди. Агар рухсат берилмаса ёки «қайтинг» дейилса, қайтиб кетилади. Бирор уйга кирилмоқчи бўлинса, кўча эшиги олдида бир оз (тўрт ракат намоз ўқигулик) вақт ўтказиб, уч марта тақиллатилади ёки қўнғироғи чалинади ёки йўталинади. Шунда ҳам жавоб бўлмаса, қайтиб кетиш керак бўлади. Агар уй эгасини чақирмоқчи бўлинса, ҳовли ичига ёки уйга кўз тушмайдиган ҳолда ўнг ёки чап томонда, яъни бир четда туриб тақиллатилади (қўнғироқ чалинади). Бордию таниш ёки қадрдон хонадонига рухсат сўрамай кирилса, фитна ёки бўҳтонга учраб қолиш, ҳатто айрим ҳолларда ўша оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлиш ёки қаттиқ хижолатда қолиш мумкин (Яъни эркак киши бировникига келсаю уйда эркак бўлмаса ёки аёл киши келсаю уйнинг аёли йўқ бўлса, шундай ҳолларда бехосдан уйга қайтиб келган эр ёки хотин ножўя хаёлларга бориши турган гап). Киши бировникига борса, салом бериб уч мартагача рухсат сўраши керак. Агар уй эгаси алик олиб, ичкарига таклиф этсагина уйга кирилади. Келган киши рухсат сўрашда паст овоз билан гапириши ва салом бериши керак. Чунки уйда бемор ёки ёш бола бўлса, уларнинг ороми бузилади, хонадон эгаси ухлаётган бўлса, яна ноқулай. Хонадон сохиби келган кишига «лаббай» деб жавоб қайтаради, унинг олдига кийиниб чиқади, очиқ чеҳра ва мулозамат билан саломлашиб-кўришади, иззат-икром билан уйга таклиф этади. Агар уйга таклиф этишнинг имкони бўлмаса, чиқиб ширин муомала қилиши, «хизматларига тайёрман» деб, гапини эшитиши керак. Эшик қоқилганда уни эркак киши бориб очади ва жавоб қилади. Агар уйда эркак бўлмаса, аёл киши эшик орқасида туриб «кимсиз?» деб сўрайди. Келган киши аниқ қилиб кимлигини ва ташрифи сабабини айтади. Агар бу ишни аёл ўзи битириши мумкин бўлса, чиройли муомала қилиб жўнатади. Бордию юмуш эри, акаси ёки отасига тааллуқли бўлса, уларнинг келар пайтини айтиб, ўшанда келишни тавсия этади. Мабодо меҳмон узоқдан келган мусофир бўлса, аёл меҳмонхонага кириш йўлини кўрсатиб, унга болалар орқали чой-нон чиқаради. Болалар бўлмаса, ўзи эшик орқасидан чой-нон узатиб, эркакларнинг келиш вақтини айтади. Агар эркакларнинг келишига узоқ бўлса, аёл меҳмонни уйга киргизмайди, балки «хўжайин фалон вақтда келадилар, шунгача бир айланиб келсинлар» деб яхши муомала қилади. Бировнинг уйига борганда киши эшикнинг тирқишидан ёки дераза пардаси четидан ҳовли-жойига қараши мумкин эмас, бундай ҳолатларда мезбон келган кишининг, ҳатто таъзирини беришга ҳақли. Эр уйга кираётганда уйда хотини ёлғиз бўлса, рухсат сўрамайди. Аммо балоғатга етган қизлари ёки сингиллари бўлса, келаётганини билдириб томоқ қириб, йўталиб ёки оёғини дўпилатиб кириши лозим. Эшик берк бўлсаю уч мартагача ҳеч ким жавоб қилмаса, ҳадеб тақиллатавериш ярамайди. Чунки хонадон соҳиби ечиниб ётган бўлса ки-йиниб олишига, намоз ўқиётган бўлса тугаллашига, бошқа юмушини якунлашига имкон бериш керак. Агар изн сўровчи уйда бировни топа олмаса ёки ичкарига киришга рухсат берилмаса қайтиб кетади.

28. Агар уларда ҳеч кимни кўрмасангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманглар. Агар сизларга: «Қайтинглар», дейилса, унда қайтиб кетинглар. Мана шу сизлар учун энг пок (йўлдир). Аллоҳ нима қилаётганингизни билувчидир.
Агар бир уйга кирмоқчи бўлсангизу аммо унда ҳеч ким бўлмаса, яъни чақирганингизда ҳеч ким жавоб бермаса, унга кирманглар. Яъни, уйда одам борлиги билиниб турса ҳам жавоб бермаяптими, то изн бермагунча уйга кирманглар. Ёки уйнинг эгаси ёки у вакил қилган одам йўқ бўлса, ўшалар биров орқали бўлса ҳам изн бермагунча кирманглар. Агар уйда умуман одам бўлмаса, шубҳасиз, кириш мутлақо мумкин эмас. Шу билан бирга, киришга изн берилмаган пайтда қайтарилган киши кўнглига олмаслиги, хафа бўлмаслиги, уй эгалари мени ҳурмат қилмади, деган хаёлга бормаслиги керак. Чунки ҳар бир одам хоҳлаганини уйига киритиш ёки киритмаслик ҳаққига эга. Бирор иш билан машғул бўлиши ёки кайфияти кўтармаслиги мумкин. Яна уй эгасининг ўзигагина маълум бошқа узрли сабаблар бўлиши мумкин. Ушбу ояти каримага биноан изн берилмагач, эшик олдида турмасдан қайтиб кетиш зарур.
Ушбу ояти каримага биноан, изн сўраш, бировнинг ҳовли-жойига изнсиз назар солиш ва шунга ўхшаш ишларда ҳам қандай йўл тутаётганингизни Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади ва албатта буни ҳисоб-китоб қилади. Гарчи уй эгасига изн сўраб келган одамни орқасига қайтариш ҳуқуқи берилган бўлса-да, мусулмонлар меҳмон дўстликлари, мусофирларга алоҳида эътиборлари, бир-бирларини ва ўзгаларни ҳурмат қилишлари туфайли бу рухсатдан деярли фойдаланишмаган, яъни уйларига келиб, киришга изн сўраганларга «қайтинг» дейишмаган. Саҳобаи киромлардан баъзилари шундай дейишган: «Ушбу оятга амал қилиш учун жуда кўп уриндик. Бировнинг уйига чақириб борганимизда «Қайтинг» деган жавоб бўлса-ю, дарҳол ортимизга қайтиб, ояти каримага амал қилиш шарафига муяссар бўлсак дердик, аммо бунинг иложи топилмас эди. Қаерга борсак, «Киринг» деган жавобни олардик».
Абу Саъид Худрий розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Ансорларнинг мажлисларидан бирида ўтирган эдим. Ҳузуримизга Абу Мусо ташвишли ҳолда келиб, деди: «Умарнинг олдига бориб, уч марта изн сўрадим. Менга изн берилмади. Ортимга қайтдим. Шунда Умар менга: «Сени нима қайтарди?» деди. «Уч марта изн сўрадим. Менга изн берилмади. Шунинг учун қайтиб кетдим. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Бирортангиз уч марта изн сўрасаю унга изн берилмаса, ортига қайтсин», деган эдилар», дедим. «Шу гапингга ҳужжат келтир, бўлмаса кунингни кўрсатаман!» деди. Сизлардан ўшани Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бирор киши борми?». Буни эшитиб Убай ибн Каъб: «Сен билан бирга фақат қавмнинг энг кичиги боради», деди. Қавмнинг кичиги мен эдим. Ўрнимдан туриб, у билан бордим ва Умарга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни айтганларининг хабарини бердим» (Бухорий ва Муслим ривояти).

29. Маскан бўлмаган, сизлар фойдаланадиган уйларга киришингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ ошкор қилаётган нарсангизни ҳам, яшираётган нарсангизни ҳам билади.
Яъни, аслида хусусий маскан ҳисобланмайдиган, аммо сизлар фойдаланиб турадиган, кўпчилик манфаати учун бунёд қилинган меҳмонхона, карвонсарой, чойхона, дўконлар каби жойларга изнсиз киришингиз гуноҳ бўлмайди. Бундай жойлар турли одамларнинг бемалол киришлари ва унда қўним топишлари учун тайёрлаб қўйилган. Уларга кирмай туриб иш битириб ҳам бўлмайди. Меҳмонхона ёки шунга ўхшаш жойларда маълум хонани ижарага олган одам албатта ўша ижарачидан изн сўрамай у хонага кирмайди ҳам. Муфассирлар айтишади: “Ушбу оят нозил бўлганида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, Шом йўлларидаги одам муқим яшамайдиган хоналар, масканлар ҳақида нима дейсиз?” деб сўради. Шунда Аллоҳ таоло: “(Биров учун) маскан бўлмаган (меҳмонхона, карвонсарой каби) сизлар фойдаланадиган уйларга (изн сўрамасдан) киришингизга гуноҳ йўқдир..”. оятини нозил қилди.
Ушбу ояти каримадаги таълимотлардан кўриниб турибдики, Қуръони карим исломий ҳаёт тарзини ўргатувчи илоҳий Китоб бўлгани учун ижтимоий ҳаётдаги ана шу масалаларга ўхшаш жузъий бўлиб кўринган одоб-ахлоқларни ҳам баён қилиб беради. Бировнинг турар жойига фақат изн сўраб, рухсат берилгандан кейингина кириш мумкинлигини жорий қилиш билан ҳар бир инсонга катта бир инсоний ҳақ ато этилгандир. Инсон ўзини энг эркин, энг тинч, энг хотиржам сезадиган жой унинг уйидир. Шунинг учун ҳам Ислом дини инсонларни етарли даражада дахлсизлик билан таъминлаган. Ҳеч ким бировнинг турар жойига изнсиз киришга ҳақли эмас. Албатта, фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно. Мисол учун, бирор уйга ўт кетганида ёки уй эгалари, уларнинг молу мулки хавф-хатар остида қолганида ёрдам бериш учун изнсиз кирса бўлади. Изн сўраб киришнинг энг катта фойдаси фаҳш ишларнинг олди олинишида, бехосдан авратларга кўз тушишидан, номаҳрамлар хилватда бирга қолишидан, турли шубҳалар, ношаръий ҳолатлар юзага келишидан сақланишда кўринади.

30. (Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини тийишсин ва фаржларини сақлашсин. Мана шу улар учун покликдир. Аллоҳ уларнинг қилмишларидан хабардордир.
Яъни, эй Пайғамбарим, имонли инсонларга айтинг, улар кўзларини номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан сақлашсин, фаржларини эса зино қилиб қўйишдан асрашсин. Бу, эркаклар умуман аёлларга мутлақо кўз ташламасин дегани эмас, эркак ва аёллар аралашиб юрадиган ҳозирги давримизда бунинг мутлақо иложи ҳам йўқ. Оятда эркаклар аёлларга ҳожатсиз қарамасин, уларга шаҳват назарини ташламасин, номаҳрам аёлга кўзи тушиши билан назарини дарҳол бошқа томонга бурсин, деб буюрилмоқда. Чунки аёл кишига бир муддат, узоқроқ тикилиб туриш ҳар икки томонда ҳам шаҳвоний туйғуни қўзғайди, туйғу жўш ургач эса зинога йўл очилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар. Яна мусулмон эркак номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги лозим. Бехосдан назар тушиб қолиши эса гуноҳ эмас. Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилибгина қолмай, балки бу амрга риоя этганлари учун ажру савоб ва маънавий мукофотлар ҳам ваъда қилинади.
Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтган гапчалик маломатга сабаб бўлувчи амалга мос келган нарсани кўрмадим: «Аллоҳ Одам боласига унинг зинодан оладиган, қилиши муқаррар бўлган улушини ёзиб қўйган. Кўзнинг зиноси қараш, тилнинг зиноси гапиришдир. Нафс орзу қилади, тусайди, фарж эса буларнинг барчасини тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради» (Бухорий ривояти); Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир», деганлар (Термизий ривояти); Абдуллоҳ Бажарий розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бехосдан тушган назар ҳақида сўраган эдим, кўзимни бошқа томонга буришни амр қилдилар», деган (Муслим ривояти); Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, буни тарк қилса, бадалига бир имон бераманки, қалбида унинг ҳаловатини топади», дейилган.
Номаҳрам аёлларга назар солмаслик ҳақидаги амрдан бир неча ҳолатлар истисно қилинган. Масалан, бир одам уйланмоқчи бўлса, у аёлга назар солиши нафақат мумкин, балки мустаҳабдир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: “Уни кўрдингми?” деб сўрадилар. Мен: “Йўқ”, дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен уни кўргин, бу ораларингизда яқинлик ҳосил қилади”, дедилар». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи бўлган кишига: «Сен уни кўргин, ансорийларнинг кўзларида бир нарса бўлади», деганлар. Имом Аҳмад Абу Ҳумайддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз бир аёлга уйланмоқчи бўлса, унга назар солишида гуноҳ йўқдир, чунки у уйланиш ниятида назар солади», деганлар. Шунингдек, жиноятчини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказаётган шахслар ҳам мажбурият юзасидан аёл кишининг юзига қараса бўлади. Қози хусумат билан ёки гувоҳлик учун келган аёлга ҳукм чиқариш мақсадида вазифа юзасидан қараши мумкин. Табиб ҳам тиббий мақсадларда аёлга қараши жоиз.
Ояти каримадаги «ва фаржларини сақласинлар» ибораси фақат фаржни зинодан сақлашни эмас, бошқа ҳаром нарсалардан ҳам, жумладан, бошқаларнинг назари тушишидан сақлашни ҳам ўз ичига олади. Аввало, бировнинг авратига қарашдан кўзни тийиш керак. Оятда фақат эркакларнинг хотинларнинг аврат жойларига қараши тақиқланаётгани йўқ, балки эркак эркак кишининг авратига, аёл аёл кишининг авратига қараши ҳам ман этилмоқда. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркак киши эркак кишининг авратига назар солмайди, аёл киши аёл кишининг авратига назар солмайди», деганлар. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам сонига назар солма», деганлар (Абу Довуд ривояти).
Шу ўринда ўз-ўзидан «Эркак кишининг қайси жойлари аврат ҳисобланади?» деган савол келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг аврати киндигидан тиззасигача эканини айтганлар. Мусулмон эркак киши авратини бошқаларга кўрсатмаслиги лозимдир. Шунингдек, киши ўзи ёлғиз қолганида ҳам яланғоч бўлиб юриши яхши эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганлар: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар, чунки фақат қазои ҳожат ва аҳлига яқинлашиш пайтидагина ажраладиган зотлар (яъни фаришталар) сизлар билан доимо бир-гадирлар» (Термизий ривояти). Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уз хотининг ва чўрингдан бошқасидан авратингни беркит!” дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, агар ўзи холи бўлса-чи?” деб сўради. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таборака ва таоло ундан кўра ҳаё қилишга ҳақлироқдир, дедилар».

31. Мўминаларга айтинг: «Кўзларини тийишсин, фаржларини сақлашсин ва зийнатларини кўрсатишмасин, кўриниб қолгани мустасно. Рўмолларини кўксиларига тўсиб юришсин. Улар эрларидан, ё оталаридан, ё эрларининг оталаридан, ё ўғилларидан, ё эрларининг ўғилларидан, ё ака-укаларидан, ё ака-укаларининг ўғилларидан, ё опа-сингилларининг ўғилларидан, ё аёллардан, ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан, ё беҳожат эркак хизматчилардан, ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатишмасин. Яна яширин зийнатларини билдириш учун оёқларини уришмасин. Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар, шояд шунда нажот топсангизлар».
Ушбу ояти карима Исломда мўминаларнинг ахлоқи ва иффати борасидаги энг муҳим масалалардан бўлмиш авратларини яшириш ҳақида батафсил маълумот беради. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва авратларини беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришни буюрмоқда. Булардан энг биринчиси - мўминалар “кўзларини номаҳрамлардан тийишлари” лозим. Мусулмон эркаклар каби муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари кераклиги ушбу оятдан аниқ маълум бўлади. Агар бехосдан назарлари тушса, кўзларини дарров бошқа томонга буришлари керак. Чунки аёлларнинг эркакларга давомли назар солишлари ҳам ўртада фитна, ҳаром ишлар, зино келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, аёл киши бошқа аёлнинг авратига назар солиши ҳам мумкин эмас. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир.
Аёлларнинг бир жойда ўтириб олиб номаҳрам эркакка ноўрин қарашлари ҳаром. Аммо кўча-кўйдаги ёки ҳаром бўлмаган ўйинлар ўйнаётган эркакларга узоқдан қарашса бўлади. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам ийд куни хабашийларнинг масжиддаги ўйинларига қараб турганларида Оиша розияллоху анҳо ҳам у зотнинг орқаларидан туриб, буни томоша қилганлар. У зот ҳазрати Оишани улардан тўсиб турганлар. Оиша розияллоху анҳо ўзларига малол келгандагина қайтиб кетганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). Шу билан бирга, ўша пайтда аёлларнинг масжид, бозор ва бошқа жойларга боришларига рухсат берилган, улар турли сафарларга чиқишган, табиийки, бундай ҳолатларда эркакларга ихтиёрсиз равишда назари тушган.
Мўминаларнинг ўз авратларини сақлашдаги иккинчи вазифалари “фаржларини сақлаш”дир. Бу ибора эркаклардаги каби аёлларда ҳам икки хил маънони ифода этади: аёллар фаржларини ҳаром ишлар, зинодан сақласинлар ҳамда бировнинг назари тушишидан асрасинлар. Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Маълумки, муслима аёлга баданини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилгандир. Мўмина-муслима аёл ўз шарафини, иффатини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан яшириши керак. Ислом таълимотига кўра, юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим кийиши зарур ҳисобланади. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган ва тор бўлмаслиги ҳам лозим. Умуман, аёлларнинг либоси номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада оддий ва кулай бўлиши керак. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча ҳадислари борки, қуйида улардан айримлари билан танишиб чиқамиз: Абу Довуднинг Оиша розиялллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисида ҳазрати Оишанинг опалари Асмо бинти Абу Бакр у кишининг олдига юпқа кийим билан кирганида ўша ерда ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олганлар ва: «Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак» деб, икки кафтлари ва юзларига ишора қилганлар. Ибн Жарир Табарий ўз тафсирларида Оиша розиялллоҳу анҳодан келтирган ривоятда ҳазрати Оиша шундай деганлар: «Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгириб олдилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз”, дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл киши балоғатга етганидан кейин, унинг юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас” деб, билакларини тутамлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутамча жой қолди». Ҳанафий мазҳаби уламолари аёл кишига юз ва кафтларини очиб юришга изн берар эканлар, юз ва қўлни зийнатламай, табиий ҳолда тутишни шарт қилиб қўйишади.
Мўминаларнинг ўз авратларини сақлаш борасидаги учинчи вазифалари «зийнатларини кўрсатмаслик”дир. «Зийнат» деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган бошқа воситалар назарда тутилади. Исломда аёл кишига зеб-зийнат ҳалол қилинган, улардан бемалол фойдаланишлари мумкин, чунки чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Аллоҳ уларни шундай қилиб яратган. Замонлар ўтиши билан зийнатлар ҳам ўзгариши мумкин, аммо аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати сира сусаймайди. “Агар дунёда битта аёл қолса ҳам заргарга иш топилади” деган ҳазиломуз матал ҳам бор. Ислом аёл кишидаги ушбу рағбатни эътиборга олиб, унга зийнатланишга рухсат беради. Шу маънода эркакларга ҳаром қилинган тилла, кумуш ва шойи-ипаклар аёллар учун ҳалол қилинган. Лекин Исломда ушбу зебу зийнатларнинг ҳам меъёри тартибга солинган. Аёлларнинг зеб-зийнатлари номаҳрам - бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишга, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак. Шунинг учун аёл ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитиши-яшириши лозим. “Кўриниб қолгани мустасно” деганда беркитишнинг имкони бўлмай қолган ҳолатлар назарда тутилган. Масалан, беихтиёр шамол турибми ёки бошқа сабабданми, зийнати очилиб-кўриниб қолса, гуноҳ ҳисобланмайди.
Мўминаларнинг авратларини яширишдаги яна бир вазифалари “рўмолларини кўксиларига тўсиб юриш”дир. Яъни бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки бўйинлари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли, зийнатлари бегона ғараз-гўй назарларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин. Аллоҳ таолонинг ушбу амр-фармонларини ҳақиқий мўмина аёллар сўзсиз итоат билан кутиб олишган. Чунки уларнинг қалблари илоҳий нур билан тўла эди. Уларнинг нафслари зийнатларини кўз-кўз қилишни истаб турса ҳам, ўзлари Аллоҳнинг фармонига сўзсиз бўйсунишган. Жоҳилият даврида аёллар иффат ва шарм-ҳаё билан кийинишни билишмас эди. Чиройларини кўз-кўз қилишда бир-бирлари билан мусобақалашишар эди. Соч ўримларини, бўйинларини, томоқларини, қулоқларидаги тақинчоқларини, ҳатто кўксиларини очиб юрар эдилар. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин мўмина аёллар тамоман бошқа ҳолатга кирдилар. Буни Оиша розияллоҳу анҳо шундай баён қиладилар: «Биринчи муҳожир аёлларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, Аллоҳ «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилиши билан дарҳол жилбоб - тўнларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар» (Бухорий ривояти).
Шу тариқа Исломда аёлларнинг чиройи ва зеб-зийнатлари бегона эркакларнинг ҳирсларини қўзғаш учун эмас, балки ўзларининг жуфти ҳалолларига ҳалол завқ беришга хизмат қиладиган бўлди. Айни пайтда аёлларга шаҳват билан қарамайдиган эркаклардан беркиниш шарт эмаслиги ҳам айтиб қўйилди. Шуни таъкидлаш лозимки, мўмина аёлларнинг қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини бошқаларга кўрсатиб юришлари мутлақо мумкин эмас. Улар эркакларнинг маҳрам саналганларидан бошқаларга зийнатларини кўрсатиш-лари мумкин эмас, улар зийнатларини қуйидаги тоифалардангина яширишмайди: 1. «Эрларидан». Муслима аёлнинг зийнатларини кўришга энг ҳақли бўлган одам унинг эридир. Шунингдек, эри ўз хотини танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир. 2. «...ё оталаридан». Мўмина-муслима аёлга унинг отаси энг бош маҳрам бўлади. Шунинг учун унга зийнатини кўрсатиши ҳалол. Ота ва ундан кейин зикр қилинадиган маҳрамлари учун аёлнинг никоҳи ҳаромдир, улар унга уйланишни, умуман шаҳват билан қарашни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Шунинг учун мўмина аёл ушбу маҳрамларга зийнатини кўрсатса бўлади. «Оталари» дейилганда ота, бобо ва боболарининг оталари ҳам кўзда тутилади. 3. «...ё эрларининг оталаридан». Мўминалар қайноталаридан ҳам зийнатларини яширишмайди. Бунга қайнотанинг оталари ва боболари ҳам киради. Улар ҳам ота ўр-нидадир. 4. «...ё ўғилларидан». Мўминалар ўғилларидан ҳам зийнатларини беркитишмайди. Бунга аёлнинг ўз ўғиллари, ўғилларидан ва қизларидан бўлган ўғил набира, эвара ва чеваралар киради. 5. «...ё эрларининг ўғилларидан». Яъни эрларининг бошқа хотинидан бўл-ган ўғиллари. Булар ҳам мўмина-муслима аёл учун маҳрам саналади. Ораларида никоҳ бўлиши мутлақо мумкин эмас. 6. «...ё ака-укаларидан». Бунда туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва она бир ака-укалар ҳаммаси баробардир. 7. «...ё ака-укаларининг ўғиллари-дан». Бунда ҳам туғишган, ота бир ва она бир ака-укаларнинг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл ака-укаларнинг фарзандларига амма бўлади. Ўртада маҳрамлик бор, уйланиш ёки шаҳват билан қараш умуман мумкин эмас. 8. «...ё опа-сингилларининг ўғилларидан». Бу ҳолатда ҳам туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларининг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл улар учун хола бўлади, ўртада маҳрамлик бор.
Аммо мўмина-муслима аёлнинг эркак маҳрамлари бу билан тугамайди. Оятда зикри келмаган маҳрамлар ҳам бор. Мисол учун, амакилар, тоғалар ва куёвлар. Шунингдек, эмикдошлик орқали маҳрам бўлганлар бор. Улар ҳақида ояти каримада бирор нарса дейилмаган бўлса ҳам, ҳадисларда келган ҳукмлардан қиёс қилиб, “мўмина-муслима аёл уларга зийнатини кўрсатса, гуноҳ йўқ”, деб фатво берилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога эмикдошлик орқали амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, ҳижобланишга рухсат бермаганлар. Шундай экан, насаб орқали бўлган амаки ва тоғаларга ҳам зийнатини кўрсатишга рухсат бор. Юқорида зикр қилинган маҳрамларнинг ҳаммаси абадий маҳрам ҳисобланади, яъни, уларнинг мазкур мўмина аёлга уйланишлари абадий ҳаром қилингандир. Аммо маҳрамлиги вақтинчалик шахслар ҳам бўлади. Мисол учун, опа-сингилларининг эрлари (поччалар) вақтинчалик маҳрам саналади, яъни опа билан никоҳда турган эркак учун хотинининг синглисига уйланиш ҳаром саналади. Опа билан ажрашганидан кейин ёки опанинг ўлимидан кейингина бу эркак учун хотинининг синглисини никоҳига олиш ҳалол бўлади. Уларга нисбатан қандай муомалада бўлиш керак? Бу ҳукм шариатда чегаралаб қўйилмаган. Уламоларнинг айтишларича, буни чегаралашнинг имкони ҳам йўқ. Чунки бундай қариндошлик алоқалари турлича бўлади, шунинг учун бунинг ҳукми ҳам турлича. Бунда қариндошлик нисбати, ёш, ҳолатлар, бир жойда яшайдиларми ёки айричами ва бошқа омиллар ҳам эътиборга олинади. Шунингдек, қариндошлигида шубҳа бўлган эркаклардан ҳам мўмина аёллар ўзларини ҳижобда тутганлари яхши, дейилади.
Энди маҳрам ҳисобланмаса ҳам, мўмина аёл зийнатини кўрсатиши мумкин бўлган шахсларнинг зикри келади: 9. «...ё аёллардан». Яъни мўмина аёл бошқа аёлларга зийнатини кўрсатса бўлади. Уламоларимиз бу ҳақда турли фикрларни айтишган. Баъзилари «аёллар»дан мурод барча аёллар назарда тутилган дейишса, бошқалари фақат мусулмон аёллар кўзда тутилган, дейишган, баъзи бирлари эса, булар ўзларига тегишли хотинлардир, чунки фосиқа, фожира аёллар муслима аёлнинг авратини, зийнатини кўрса, унга яқинлашса, фисқу фужурга бошлаши, фитна чиқариши мумкин, дейишган. 10. «...ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан». Бу иборадан қул ва чўриларига зийнатларини кўрсатса бўлаверади, деган маъно чиқади. Аммо уламолар бу ҳақда ҳам икки хил фикр айтишган: биринчи тоифа уламолар «Бундан мурод фақат чўрилар, қуллар эмас, чунки қул ҳам номаҳрам эркак, шаҳвати бор, озод бўлганидан кейин у ўзининг аёл хўжайинига уйланиши мумкин», дейдилар. «Ундай бўлса, аввал «аёллардан» деб туриб, кейин «чўрилардан» дейишнинг нима ҳожати бор, чўри ҳам аёл-ку?» деган эътирозга «Аввал ҳур аёллар зикр қилинди, кейин чўриларга мумкин эмас экан-да, деган гумон уйғонмаслиги учун улар ҳам санаб ўтилди», деб жавоб беришади. Иккинчи тоифа эса «ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан» жумласидан мурод, муслима аёлнинг мулки бўлган қул ва чўрилардир, бунда нафақат чўри, балки қул ҳам кўзда тутилган», дейди ва ўз гапига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан далил келтиради. 11. «...ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилардан». Булар табиий, жисмоний жиҳатдан эркаклиги қолмаган кимсалар бўлиб, қоринларини тўйдириш учун одамларнинг хизматини қилиб юради. Уларда умуман шаҳват, аёлларга қизиқиш деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Муслима аёл ана шундай одамларга ҳам зийнатини кўрсатса бўлади. 12. «...ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан». Мўминалар аёл авратига эътиборсиз ёш болалардан ҳам зийнатларини яширмайдилар. Чунки кичкина болалар аврат нима, шаҳват нима, буларни билишмайди.
Кўриш орқали фитна содир бўлмаслиги, зинога элтиш эҳтимоли уйғонмаслиги учун уларнинг йўли тўсилганидан кейин энди эшитиш орқали фитна туғдирадиган йўлларни ҳам тўсиб, мўмина аёлларга: «яширин зийнатларини билдириш учун оёқларини ерга уришмасин», дейилмоқда. Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқчалар тақиб олишар экан. Кейин эса эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини кўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб, хиралик қилишига ва охир-оқибат зинога олиб боришига сабаб бўлиши мумкин бўлган. Шунинг учун махфий зийнатларни ошкор этиш мақсадида ўша зийнатларнинг овозини қасддан чиқаришга ҳаракат қилиш ҳам Исломда тақиқланди. Ушбу ояти каримадан олинган қоидага биноан, мўмина-муслима аёлларга бегона эркакларнинг шаҳватини кўзғатиб, фитнага сабаб бўлмасликлари учун нафақат ҳирсни кўзғатадиган овоз бериш ёки овозини майинлаштириш, балки шунга восита бўлиб қоладиган бошқа нарсалар ҳам жоиз эмас. Шунинг учун ҳам мўмина-муслима аёлларнинг кўчага бегона эркакларни ўзларига жалб қиладиган ҳолатда чиқишлари ман қилинган.
Ўрни келганда, ушбу хукмларга боғлиқ бошқа масалаларни ҳам эслаб ўтиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларнинг бегона эркак билан, ҳатто эркак қариндоши билан ҳам ёлғиз қолишини ман қилганлар. Фақат ёнида маҳрами бўлсагина, бошқалар билан бир жойда турса бўлади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри бўлмаган аёлларнинг олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қонингизда юради», деганлар (Термизий ривояти). Яна шу саҳобадан ривоят қилинган ҳадисда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади», деганлар (Аҳмад ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу масалада жуда ҳушёр бўлганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганларида, завжаи мутоҳҳаралари Софийя розияллоҳу анҳо кечаси у зотни зиёрат қилгани келдилар. Суҳбатлари тугаб, у киши қайтиб кетаётганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кузатиб, эшик олдига бордилар. Икковлари гаплашиб туришганида ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тез-тез юриб кета бошлашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковига: “Шошманглар! Бу аёл Софийя бинти Ҳуяйдир”, дедилар. Улар: “Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шайтон одамларнинг қон томирларида юради. Икковингизнинг қалбингизга бирор ёмонлик солмасин, деб қўрқдим”, дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакнинг қўли номаҳрам аёлнинг ҳеч бир жойига тегмаслиги лозимлигини қаттиқ тайинлаганлар. Ўзлари байъат олган вақтларида ҳам аёлларнинг қўлларидан тутмаганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлнинг ёлғиз ўзи ёки номаҳрам эркак билан сафар қилишини қаттиқ тақиқлаганлар: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб: “Эркак аёл киши билан ҳаргиз ёлғиз қолмасин, агар аёлнинг маҳрами бўлса, майли. Аёл киши сафарга зинҳор маҳрамсиз чиқмасин”, дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг аёлим ҳажга кетяпти, мен эса фалон жойда бўладиган ғазотга ёзилдим”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Сен бориб аёлинг билан бирга ҳаж қил!” дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл кишини ҳатто ҳажга ҳам ёлғиз юбориб бўлмас экан. Ҳатто Аллоҳнинг, дину диёнатнинг йўлида қилинадиган жиҳодни қўйиб бўлса ҳам, аёлнинг маҳрами у билан бирга ҳажга бориши кераклиги таъкидланмоқда. Чунки сафар машаққат ва хавфдан холи эмас. Мўмина аёлларни машаққат ва хавфда ёлғиз қолдиришга унинг маҳрамларининг эркаклик ғурурлари ҳам йўл бермаслиги керак. Йўлда аёлнинг хизматини қилиб, қийинчиликлардан, хавф-хатар ва турли кўнгилсизликлардан ҳимоя этиб бориши керак.
Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркак-аёлларнинг бир-бирига аралашиб юришини қаттиқ тақиқлаганлар, ҳатто жамоат намозига аёлларнинг қатнашмасликларини афзал санаганлар. “Умму Ҳумайд исмли саҳобия аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Аллоҳимнинг Расули, мен сиз билан бирга намоз ўқишни яхши кўраман”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенинг мен билан намоз ўқишни яхши кўришингни биламан. Сенинг уйингдаги намозинг ҳужрангдаги намозингдан яхшироқдир. Ҳужрангдаги намозинг ҳовлингдаги намозингдан яхшироқдир, ҳовлингдаги намозинг қавмингнинг масжидидаги намозингдан яхшироқдир, қавмингнинг масжидидаги намозинг менинг масжидимдаги намозингдан яхшироқдир”, деб жавоб берганлар (Аҳмад ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни эрининг олдида зий-натланиб, лозим топилган жойларда атир-упалар билан хушбўйланиб юришга тарғиб қилганлар. Аммо шу билан бирга, зебу зийнат орқасидан қувиб, ҳаддан ошишдан, шариатга хилоф иш қилишдан қаттиқ қайтарганлар. Мана шундай тақиқланган ишлар қаторига аёл кишининг ўз сочига бошқа сочни улаши ва улатиши, ясама хол қўйиши ва қўйдириши, қошини ингичка қилиб териши ва тердириши, тишларининг орасини сунъий равишда очиши ва очтириши, юзининг рангини бутунлай ўзгартириш учун турли воситалар билан ювиши ва ювдириши каби амаллар ҳам киради. Мўмина-муслима аёлларнинг бу ишларни қилишлари ҳам, бошқаларга бажартиришлари ҳам мутлақо мумкин эмас. Буларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фаҳш гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизлик ва зино тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Ушбу илоҳий тадбирларга бандалар чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур иллатлар ва ижтимоий хасталиклардан покланади.
Ояти кариманинг охирида Аллоҳ таоло билиб-билмай шундай гуноҳ ишларга қўл уриб қўйган бандаларини қиёматда нажот топиш учун Ўзига тавба қилишга чақирмоқда. Зеро, тавба қилган киши номаъқул саналган ишларни тарк этиб, солиҳ амаллар сари юришни бошлайди. Исломда буюрилган ишларни қилмаслик, ман этилган амаллардан қайтмаслик гуноҳ саналади. Банда эса гоҳида билган ҳолда, гоҳо ўзи ҳам билмай ана шу гуноҳ ишларга қўл уриб қўяди. Шунда унинг Аллоҳга тавба қилиши зарур бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар ва Ундан гуноҳларингизни кечиришини ҳамиша сўранглар! Мен ҳам ҳар куни юз мартадан Аллоҳга тавба қиламан”, деганлар (Муслим ривояти). Гарчи Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалги ва охирги гуноҳларини кечирган бўлса ҳам у зотнинг доимий тавба қилишлари биз - умматлари учун ибратдир.

32. Ораларингиздаги тулларни, қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар камбағал бўлишса, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилади. Аллоҳ (карами) кенгдир, билувчидир.
Аллоҳ таоло ушбу оят орқали мусулмонлар жамоасига хитоб қилиб, шундай марҳамат қиляпти: Жамоаларингиздан ким уйланмаган-турмуш қурмаган бўлса, ёки уйланиб, турмушга чиқиб, тул ва бева қолган бўлса, муносиб тенги учраганда уни никоҳлаб қўйсин. Қул ёки чўриларингиздан ҳам солиҳларини, турмушга яроқлиларини никоҳланглар. Агар ҳақларини адо қила олишса, мусулмонлар “камбағаллигим туфайли аҳли-аёлимни боқа олмайман, нафақасини қилолмайман” деган хаёлга боришмасин, Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами билан уларни бой қилиб қўяди, бошқаларга муҳтожликдан қутқаради. Аллоҳ ана шундай карами кенг, ҳамма нарсани билувчи Зотдир.
Шуни назарда тутиб, динимиз ушбу ояти каримага ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас» деган ва шунга ўхшаш бошқа кўпгина ҳадисларига биноан никоҳланишга қаттиқтарғиб қилади. Чунки никоҳ эр ва хотин ўртасидаги жинсий майлни қондиришнинг энг табиий ва ҳалол йўлидир, инсон нас-лини кўпайтиришнинг, зурриётининг боқий давом эттиришининг муҳим воситасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида никоҳга тарғиб жуда кучли тарзда келган. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун қантарилишдир» деганларини эшитганман» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдаги «никоҳга қодир бўлса» деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади. Демак, шундай имкониятларга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатдан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар эса рўза тутишлари керак. Шу йўл билан улар шаҳватларидан тийилишади, қантарилишади. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Шунда уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди буни оз санагандай бўлишди. Улар: «Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг аввалгию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган», дейишди. Улардан бири: «Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса: «Мен умрбод рўза тутаман, оғзи очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири: «Мен аёллардан четда бўламан, ҳеч қачон уйланмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб: «Шундай, шундай деганлар сизларми?! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», дедилар» (Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).
Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларини бирлаштириб турувчи суннатлардан яна бири никоҳдир. Бу иш энг муҳим суннатлардан ҳисобланмаганида Аллоҳ таоло уни барча пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса, ўз навбатида никоҳга алоҳида аҳамият бериш лозимлигини билдиради. Ҳанафий мазҳабининг энг йирикуламоларидан бўлган Ибн Обидин: «Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача ибодат қилиб белгиланган ҳамда охиратда жаннатда ҳам давом этадиган амал иккитадир: имон ва никоҳ», деган. Исломда никоҳга тарғиб қилиш билан бирга, ундан бош тортиш қаттиқ қораланади. Динимизда бу иш жоиз бўлмагани учун Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам таниқли саҳобалардан Усмон ибн Мазъун розияллоху анхунинг бутунлай уйланмай, таркидунё қилишига рухсат бермаганлар. Уйланмай юриш мусулмон кишига тўғри келмайди. Айрим динларда ибодатга берилганлар уйланишдан воз кечишади, бундай ишни қилувчилар «роҳиблар», қилаётган ишлари «роҳиблик» дейилади. Исломда эса роҳиблик, таркидунёчилик йўқ, динимизда уйланиш ҳам ибодат саналанади.
Эркак ва аёл ўртасидаги муқаддас ришта бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўлади, ораларидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, дўстлик, вафо, меҳрибонлик, садоқат туйғулари мустаҳкамланади. Никоҳ туфайли инсоннинг табиий майли жиловланади, унинг учун сакинат-хотиржамлик, бахту саодат таъмин этилади. Инсон никоҳ туфайли ўзининг ижтимоий алоқаларида таскин ва хотиржамликка эришади. Никоҳтуфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қилишади, обрў-мартабага эга бўлишади.
Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинган. Имом Шофеъийдан бошқа барча уламолар никоҳни ибодат санашган. Улар: “Аллоҳ ва Пайғамбар алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундай ишлардандир”, дейишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида: «Ва ҳар бирингизнинг жинсий ҳожатини қондиришида ҳам ажр бор», дейилган. Шунда одамлар: “Шаҳватини қондиришда ҳам ажр бўладими?” дейишганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўша шаҳватини ҳаромдан қондирганда гуноҳ бўлармиди? Ҳалол йўл билан қондирганда савоб бўлади», деган маънода сўз айтганлар.
Турли кишиларнинг ҳолатига қараб никоҳда бўлишларининг ҳукми ҳам турлича бўлади: 1. Вожиб-фарз. Агар бир инсон никоҳли бўлмаса, зинога боришига очиқ-ойдин ишониб етса, никоҳга кетадиган сарф-харажатга эга бўлса ва никоҳдаги шеригига зулм қилмай ҳаққини адо эта олишига ишонса, бундай кишига никоҳ вожиб бўлади, чунки мусулмон кишидан ўз иффатини сақлаш, ҳаром ишдан тийилиш талаб этилади. Ислом шариатидаги “вожиб нарсани қилиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир” деган қоидага кўра, кишининг ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб, шу вожибни қилиш учун никоҳ - уйланиш ҳам вожиб саналади; 2. Ҳаром. Агар бир киши никоҳланса, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказиши очиқ-ойдин маълум бўлса, бундай одам учун оила қуриш ҳаром бўлади. Бу ҳолатда Ислом шариатининг “ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир” деган қоидасига амал қилинади. Бировга зулм қилиш, зарар етказиш ҳаром, ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли бўлиши аниқ бўлгани учун унга олиб борадиган йўл - никоҳ ҳам ҳаром бўлади; 3. Макруҳ. Агар бир киши никоҳланса никоҳдаги шериги - жуфти ҳалолига нисбатан ўзидан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо бунга тўлиқ ишонмаса, бундай одам учун никоҳ макруҳдир; 4. Суннати муаккада. Мўътадил, яъни зинодан қўрқмайдиган, оила қурса жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккада, таъкидланган суннатдир. Никоҳнинг, оилали бўлишнинг суннати муаккада эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг бу ишда бардавом бўлганлари далилдир. Ҳанафийлар: “Бу суннати муаккада вожибга тенг”, дейишади. Ким бу ишни қилмаса, тарки суннат қилган бўлади; 5. Мубоҳ. Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан тўсувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади.
Аммо баъзи кишилар ўзларида кучли рағбат ва майл бўлса ҳам, турли сабабларга кўра никоҳланиш учун имкон топа олмай қолишлари мумкин. Улар нима қиладилар? Мана шу саволга келгуси ояти карима жавоб беради.

33. Никоҳни топа олмаганлар то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини пок сақласинлар. Қўл остингиздагилардан мукотаба тузишни истайдиганлари бўлса, бу ҳолда уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар билан муко-таба тузинг ва Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан уларга беринг. Дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳини деб иффатни истаган чўриларингизни фоҳишаликка мажбурламанг. Ким уларни мажбурласа, улар мажбур қилинганларидан кейин Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Аллоҳ таоло бандаларига буюряптики, никоҳ имконини топа олмаган ё бунга қодир бўлмаган кишилар бўлса, Аллоҳ таоло уларни Ўз фазли-карами билан бой қилгунича ўз иффатларини пок сақлашсин, зино ва бошқа ҳаром ишларга қўл уришмасин. Ҳалол никоҳга имкон топа олмаганларнинг иффатларини ҳаромдан асрашнинг энг яхши йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундан олдинги оят тафсирида келтирилган “Ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин, чунки у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун қантарилишдир» маъносидаги ҳадисларида баён қилиб берилган. Яъни, рўза тутиб юрса, шаҳватининг қўзиши камаяди, иффатини сақлаш осонлашади.
Яна қўл остингизда бўлган қул ва чўрилар сиз билан мукотаба тузишни исташса, бунда яхшилик борлигини билсангиз, улар билан мукотабани тузинг ва сизларга Аллоҳ ато қилган мол-мулкингиздан уларга ҳам беринг ёки мукотаба шартидаги маблағнинг бир қисмидан кечиб юборинг. Уламолар «Бу амр ҳам хожаларга, ҳам мусулмонлар оммасига қаратилган, шартномада келишилган маблағни топиш учун мукотаба қилган қулга ҳам хожаси, ҳам бошқа мусулмонлар молиявий ёрдам беришлари керак», дейишади. Қул ёки чўрининг ўз хўжайини билан маълум ҳақ эвазига озод бўлишга келишуви «мукотаба» дейилади. Мукотабага рози бўлган хўжайин қулга васиқа ёзиб бериб, келишилган маблағни ишлаб топиб келиши учун уни эркин қўяди. Агар қул ўзи айтган муддатда келишилган маблағни ишлаб топиб келолса озод қилинади, акс ҳолда куллигича қолаверади. Хожаси билан шартнома тузиб, озод бўлиш учун келишилган маблағни топиб беришга уринаётган қулга ёрдам қилиш Аллоҳ йўлида сарфланган мол билан баробар саналади. Ислом дини келган илк даврларда бутун дунёда, шу жумладан Арабистон яриморолида ҳам қулчилик авжида эди. Ислом дини эса, инсоният учун айб саналган ушбу иллатга қарши кураш бошлади. Ислом биринчи кунлариданоқ қул озод этишни энг улкан ибодат ва Аллоҳ таолога курбат ҳосил қилишнинг энг самарали воситаси даражасига кўтарди. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий (саҳройи араб) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Менга жаннатга киритадиган амални ўргатинг”, деди. У зот соллаллоху алайҳи васаллам: “Ҳақиқатан қисқа гап билан масалани рўй-рост қўйдинг. Одамларни озод қил, бўйнидан (кишанни) еч”, дедилар. У: “Иккиси ҳам бир иш эмасми?” деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, одамларни озод қилиш - фақат ўзинг озод қилишинг, қулнинг бўйнидан (кишанни) ечишинг эса мукотаба баҳосини тўлашга ёрдам беришингдир. Шунингдек, туя ёки қўйни уларнинг сутидан фойдаланиш учун бировга берадиган бўлсанг, сути кўп вақтида бер. Сенга зулм қилган қариндошингга яхшилик кўрсат. Агар қодир бўлмасанг, тилингни яхши гапдан бошқасидан тий”, дедилар» (Байҳақий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, кишини жаннатга киритадиган ишларнинг бошида қул озод қилиш ёки қулнинг озод бўлишига молиявий ёрдам бериш турибди. Шунингдек, Ислом хукуматига ҳам байтул молдан қул озод қилиш учун ҳисса ажратиш тавсия этилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг ўзлари олтмиш уч қулни озод қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан Оиша розияллоҳу анҳо олтмиш етти нафар қулни ҳурликка чиқарганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб етмишта, саҳобалардан Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу юзта, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мингта, Зул Кулоъ Ҳумайрий розияллоҳу анҳу саккиз мингта, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўттиз мингта қулни озод қилишган. Абу Бакр ва Усмон розияллоҳу анҳумо томонидан озод қилинган қуллар ниҳоятда кўплигидан тарихчилар уларнинг сонини аниқлай олишмаган.
Оят давомида яна бир даҳшатли ижтимоий иллат - танфурушлик, хусусан, ўзига қарам бўлган чўриларни фоҳишаликка зўрлаш орқали бойлик орттириш фош этилмоқда. Бу ҳам қулдорликка қарши олиб борилган ҳаракатнинг бир кўринишидир. Чунки ўша пайтда баъзи ноинсоф кишилар чўриларни танфурушлик қилиб, пул топиб келишга мажбурлашар эди. Оятдаги «Дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳини деб...» жумласидан агар дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳини истамаса, чўриларини фаҳш ишга мажбур қилса бўлаверар эканда, деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Зеро, Аллоҳ таоло фаҳш ишларнинг ҳар қандай кўринишини буткул тақиқлаган. Бу ерда эса, хоссатан хожа ўзининг чўри қизларини пул орттириш учун танфурушликка мажбур қилишининг ҳаромлиги ҳақида сўз кетмоқда. Шунингдек, «...иффатни истаган чўриларингизни...» жумласидан нопокликни ирода қилган чўриларни танфурушликка мажбур қилса бўлаверар экан, деган фикр келиб чиқмайди. Маълумки, қиз ўз ихтиёри билан танфурушлик қилса, гуноҳи ўзига бўлади. Лекин бу ўринда чўри қиз фоҳишаликни ихтиёр қилмаса-ю, хожаси уни мажбур этса, бу гуноҳи - жинояти учун қонун олдида жавоб бериш хожанинг бўйнига тушиши ҳақида гап кетмоқда. Ислом дини бундай фаҳш ишларнинг барини ҳаром қилди. Ушбу оят нозил бўлганидан кейин, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чўрилар зиносидан топиладиган молни ҳаром деб эълон қилдилар. Баъзи бир ҳадисларда чўрилар касб қилган амалнинг ҳалоллиги аниқ бўлмаса, топгани ҳаром бўлиши айтилган. Яъни, ҳалол касбдан топгани аниқ бўлгандагина қабул этилади, бўлмаса, йўқ. Чўрилар ўз ихтиёрлари билан эмас, хожаларининг мажбурлаши оқибатида зино қилганлари учун Аллоҳ таоло уларга раҳм этиб, гуноҳларини кечиради.
Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ Ибн Убай ибн Салул чўриларини танфурушликка мажбурлаб, бунинг ортидан гул ишлайдиган одамлардан бири эди. Ушбу ояти кариманинг нозил бўлишига ҳам ўша мунофиқнинг чўриларидан бири - Муъоза исмли жориянинг арз қилиб келиши сабаб бўлган. Машхур муфассир олим Суддий бу ҳақда қуйидагиларни айтади: «Ушбу оят мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳақида нозил бўлган. Унинг Муъоза исмли чўриси бор эди. Уйига меҳмон келса, меҳмондан бирор нарса ундириш мақсадида жориясини унга қўшиб берар эди. Жория Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, бу ҳақда шикоят қилди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жорияни ўз ҳузурида олиб қолишни амр қилдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Убай: «Муҳаммаддан мени ким кутқа-ради, энди у жорияларимизга ҳам эга чиқмоқчи!» деб бақир-чақир қила бошлади. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди».
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Убайнинг жорияси бор эди. У унга: “Бор, фоҳишалик қилиб бирор нарса топиб кел”, дер эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятини нозил қилди (Муслим ривояти). Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида бундан бошқа ҳам бир неча ривоятлар бор. Айтилишича, бу оят Хувайтиб ибн Абдул Уззонинг қули Субайҳ исмли киши ҳақида нозил бўлган. У хожасидан мукотаб битими тузишни сўради. Хожаси Хувайтиб рози бўлмади. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Кейин Хувайтиб битим тузиб, уни юз динор эвазига озод қилишга рози бўлди. Кейин шу пулнинг йигирма динорини унга ҳадя қилди, яъни кечди. Хизматкор пулнинг қолганини тўлаб, озод бўлди. Кейин у Ҳунайн жангида ўлдирилди.

34. (Эй мўминлар), дарҳақиқат, сизларга очиқ-ойдин оятларни, сиздан олдин ўтганларнинг мисолларини ва тақводорлар учун ваъз-насиҳатни нозил қилдик.
Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтяптики, сизларга Куръони каримнинг очиқ-ойдин, равшан оятларини, сизлардан олдин ўтган қавм ва халқларнинг мисолларини ва Аллохдан қўрқувчилар учун ваъз-насиҳатларни нозил қилдик. Сизлар ана шу таълимотларга таяниб, ҳаёт кечиринглар, Парвардигорингизнинг тоатида собит ва бардавом бўлинглар. Ушбу сурада Ислом шариатига хос бўлган жуда кўп ҳукмлар баён қилинди. Улардан кўплаб масалаларга ечим топиш билан бирга, мунофиқларнингжуда хатарли шахслар эканини ҳам англаб олиш мумкин. Мунофиқлар Ислом жамиятининг ичида турли фитналар қўзғаб юрганлари учун хам кофир ва мушриклардан кўра анча хатарлидир. Улар сиртдан ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиб, баъзи холис усулмонларни ҳам йўлдан уриш пайидан бўлиб туришади. Улар Куръондан, Ислом нуридан баҳраманд бўла олмаган ҳасадгўй кимсалардир. Мунофиқ кўнглида йўқ нарсани бор деб кўрсатувчи, иккиюзламачи; ташида мўмин кўриниб, аслида мўмин-мусулмонларга ва Исломга қарши курашувчидир. Улар Аллоҳга имон келтирдик, қиёмат кунига ишондик, мўмин бўлдик, дея ёлғон даъво билан Аллоҳни ва мўминларни алдамоқчи бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамма нарсани билиб турувчи Зот, Уни алдаб бўлмайди, улар сезмасдан ўзларини алдайдилар. Мунофиқлар илк бор Мадинада бир ҳовучгина бўлиб пайдо бўлган эди. Мунофиқларнинг ҳолати шуки, асли унинг Исломдан хабари йўқ, кўнглида имондан заррача ҳам йўқ, қилган иши дину диёнатга, мўмин-мусулмонларга қаршилиқдан бошқа нарса эмас, лекин «Мен мусулмонман, Қуръонни ўқиб чиқцим, Каъбани зиёрат қилдим, у қилдим - бу қилдим», деб лоф уради. Ҳолбуки, улар «Тиллари билан дилларида йўқ нарсани айтишади», ичимизни ким билиб ўтирибди, деб ўйлашади. Одатда дунё кетидан қувганлар шу тоифага айланишган. Мунофиқ гоҳ имонга, гоҳ куфрга яқинлашиб туради. Тарозининг палласи имон тарафга босиб қолса, имонга яқинлашади, куфр тарафига оғса, у ҳам куфрга яқинлашади. Мунофиққа ваъз-насиҳат қилсанг, қулоғига илмайди. Аллоҳни эслатсанг, кибр билан ўзини юқори тутади. Гуноҳи, хатоси ва камчиликлари бўлса ҳам гердаяверади, Аллоҳдан уялмайди ҳам. Ҳолбуки, ҳар куни-кун оралатиб: «Юрагимдаги нарсага Аллоҳ гувоҳ!» деб қасам ичади. Мунофиқ кофирдан ҳам ёмон. Шунинг учун мунофиқ дўзахнинг энг чуқур ерига ташланади. Уламоларнинг таъкидлашларича, куйидаги уч мақсад эътибори билан бундан кейинги оятлар ўша мунофиқларга қаратилгандир: 1. Уларга яна бир бор эслатма бериш; шояд эслатма бу сафар фойда бериб қолса. 2. Нифоқ билан имоннинг, мунофиқ билан мўминнинг фарқини очиқ-ойдин қилиб қўйиш. 3. Аллоҳ таолонинг оятлари ҳақиқий мўмин-мусулмонлар учун ҳидоят эканини, номи мусулмон-у, ўзи Исломдан узоқ бўлганлар учун эмаслигини таъкидлаб қўйишдир.

35. Аллоҳ осмонлар ва Ернинг “нури”дир. Нурининг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, чироқ эса бир шиша ичида, шиша эса гўё дур юлдуз кабидир. У шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқилади. Унинг мойи гарчи унга олов тегмаса ҳам ёритиб юборай дейди. Нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган кишиларни Ўз нурига ҳидоят қилади. Аллоҳ одамларга мисолларни келтиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.
Араб тилидаги “нур” сўзи жуда кенг маънода бўлиб, ёруғлик, илм, имон, кўзнинг кўриш қобилияти каби кўплаб маъноларни англатади. Ушбу оятда Аллоҳ таоло осмонлар ва Ернинг “нури” деб васф қилинмоқда. Биз ўрганаётган суранинг номи ҳам ушбу “Нур ояти” деб аталган ояти каримадан олинган. Муфассир ва файласуф олимлар бу оят ҳақида кўплаб баҳс юритишган. Ҳужжатул-ислом имом Ғаззолий «Нур ояти»ни тафсир қилиб, ҳатто «Мишкотул анвор» (Нурнинг кашф қилиниши) деган бир китоб ҳам ёзган. Оятда Аллоҳ таоло Ўз Зотини Нур деб атамоқда. Лекин бу бизларнинг тушунчамиздаги моддий, кўзга таъсир ўтказадиган, олимлар тахминича бир сонияда 186000 мил тезликда ҳаракат қиладиган ёруғликнинг нури эмас. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати инсонлар тасаввурига тўғри келмайди. У ўхшаши, тенги йўқ, сифатда Ўзи яратган махлуқларга мутлақо ўхшамайдиган Зотдир. Буни барча уламолар бир овоздан таъкидлашган. Аммо ушбу оят тафсири борасида уларнинг фикрлари турлича бўлган. «Аллоҳ осмонлар ва Ернинг “нури”дир» жумласини баъзи уламолар «Аллоҳ осмонлар ва Ерни мунаввар қилувчидир», деб тушунтиришган. Бошқалари эса, «Аллоҳ осмонлару Ерни вужудга келтирувчидир», дейишган. Айримлари Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни, яъни борлиқни Ўз нуридан яратган деган маънода тафсир қилишган. “Тафсири Жалолайн”да Аллоҳ оламни ой ва қуёш билан ёритади, дейилган. Яна бир тоифа олимлар «Аллоҳ таоло борлиқни билдирувчидир», дейишган. Бу иборанинг инсоний тасаввурга сиғиши мушкул, шунинг учун Аллоҳнинг Ўзи буни инсоннинг ожиз идрокига мослаб гўзал бир мисол билан тушунтирмоқда: “Нурининг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, чироқ эса бир шиша ичида, шиша эса гўё дур юлдуз кабидир. У шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқилади. Унинг мойи гарчи унга олов тегмаса ҳам ёритиб юборай дейди”. Олтинхон тўра ушбу оятни шундай тафсир қиладилар: “Коинотнинг ҳар бир жузъига нур Аллоҳтаоло томонидан ҳосил бўлур. Ҳидоят топган мусулмонларга илоҳий нурдан етган ҳидоят ва ирфон ҳиссасининг мисоли шудир:
обид мўминнинг жисми биртокча кабидирки,унда юлдуз каби нурафшон бир қандил қўйилган. Ана шу қандил мўминнинг қалбидирки, у охират оламига боғлиқдир. Ўша қандилдан маърифат ва хддоят нурлари таралиб туради. Қандил эса зайтун мойидан ёқилади. У шундайин зайтунки, хар тарафидан, шарқдан ҳам, ғарбдан ҳам баробар унга офтоб ҳарорати етиб туради”. Яъни, чироқнинг ёғи муборак зайтун дарахтидан олинган. Ўша вақтдаги энг яхши мой зайтун ёғи бўлган. Аммо ҳамма зайтуннинг ҳам ёғи бир хил бўлавермайди. Қуёш тегмай, сояда ўсган зайтундан умуман яхши ёғ чиқмайди. Қуёш фақат шарқ томонидан тушадиган зайтуннинг ёғи ҳам, шунингдек, фақат ғарб томонидан қуёш тушадиган зайтун дарахтининг ёғи ҳам унча яхши бўлмайди. Энг яхшиси шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмай, эртадан кечгача куёшда тобланиб, қуёш нурини тўла эмиб ўсган зайтуннинг ёғидир. Бунинг устига, зайтун муборак дарахтдир. Оят охирида айтилганидай, «Аллоҳ хоҳлаган кишини Ўз нурига ҳидоят қилади». У ҳаммани ҳам ҳидоят қилавермайди. Кўзи кўр одам куёшнинг, ойнинг, юлдузнинг, ҳатто олдидаги чироқнинг нурини кўрмаганидек, қалб кўзи кўр одам ҳам Аллоҳнинг нури - имон, дину диёнат, Қуръон, Исломдан баҳра топмайди, ҳидоятга эришмайди. Аллоҳ таоло бандаларига тушунарли бўлиши, уларнинг тафаккур қилишлари ва ибрат-насиҳат олишлари учун шундай мисолларни келтиради, чунки У ҳамма нарсани билиб турувчи Зотдир.

36. У бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтишади;
“Бир уйлар” деганда “Аллоҳнинг уйлари”, яъни масжидлар назарда тутилади. “Кўтарилиши” деган сўз масжидларнинг мақом-мартабаси улуғлигини, уларни турли ифлосликлар ва бефойда ишлардан пок тутишни англатади. Масжидга кирган пайтда икки ракат “таҳийяти масжид” намозини ўқиш ҳам уни улуғлаш учундир. Масжидларда ибодат, тасбеҳ ва таҳлил, Қуръон қироати каби фақат Аллоҳга хуш келадиган ишлар билан машғул бўлиш зарур. Масжид Ислом оламида катта аҳамият касб этади, унинг динимиз тарихида тутган ўрни беқиёс.
Масжидлар Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган покиза масканлардир. Ер юзидаги энг улуғ, энг табаррук масжид Байтуллоҳ (Аллоҳнинг уйи) деб юритилиши бежиз эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат этади: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина кўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топгувчи зотлар бўлсалар, ажабмас» (Тавба сураси, 18-оят).
Абу Саид Худрийдан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: «Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир» (Абу Нуайм ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар, ёмонроғи бозорлардир», дедилар (Муслим ривояти). Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидлар муттақий зотларнинг жойларидир», деганлар (Муслим ривояти). Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ ризосини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга бир уй куриб беради», деганларини эшитганман» (Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоийлар ривояти).

37. шундай кишилар борки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан чалгита олмайди. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқишади.
Қуръони каримда Аллоҳнинг масжидларини фақат тақводор зотларгина обод қилишлари айтилган. Муфассирлар масжидни обод этишни унинг нураган жойларини тузатиш, супуриб-сидириш, пок тутиш, ёритиш, ибодатларни унда адо этиш ва уни нолойиқ нарсалардан асраш деб тушунтирадилар. Масжидлар пок ва муборак макон бўлгани учун унинг қадрини пасайтирувчи ва поклигига путур етказувчи ҳар қандай иш ва ҳаракат макруҳдир. Масжидга ёқимсиз ҳидли нарсаларни истеъмол қилиб кириш, ичкарисида дунёвий сўзларни сўзлаш, овоз кўтариш, савдо-сотиқ қилиш, йўқолган нарсаларни суриштириб жар солиш, заруратсиз масжид ҳовлисидан ўтиш, масжид ичида тиланчилик қилиш ёки тиланчига пул бериш каби хатти-ҳаракатлардан сақланиш лозим. Ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳонинг ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳаллаларда масжидлар куришга, уларни тоза тутишга ва хушбўй қилишга буюрганлар (Абу Довуд ва Термизий ривояти). Масжидда хунар қилиш, сотиш мақсадида хат битиш, ҳақ эвазига мактабдорлик қилиш макруҳдир. Яна масжидда фойда учун дарахт ўтқазиш, экин экиш, у ерда таом ейиш жоиз эмас (фақат эътикоф ўтирган ва мусофир-ғарибларга таом ейишга ижозат берилган). Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам масжидда шеър айтишдан, олди-сотди қилишдан ва жума куни намоздан олдин халқа бўлиб ўтиришдан қайтарганлар (Термизий ва Насоий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйлари (масжидлар)дан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси билан даражаси кўтарилади» (Муслим, Термизий ва Насоийлар ривояти).
Ушбу ояти каримада Аллоҳнинг нурини идрок этишга ва унинг файзидан баҳраманд бўлишга ҳақли кишиларнинг сифатлари баён этилмоқда. Аллоҳ таоло Ўз неъматини, нурини кўринганга ато қилавермайди, балки маълум сифатларга эга бўлган зотларгагина беради. Ана ўша инсонларнинг сифатларидан бири Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этиш - тасбеҳ айтиш бўлса, яна бир сифати тижоратга ҳам, олди-сотдига ҳам машғул бўлмай, Аллоҳни ҳамиша зикр этишларидир. Яъни, улар иш вақтида ҳам Аллоҳни унутмайдилар. Тижорат ва олди-сотди билан машғул бўлиб, намозни, хусусан, жамоат намозини қолдирмайдилар. Ўзим тижорат қилиб, зўрға топдим-ку, деб закот беришдан ҳам қочмайдилар. Чунки улар қиёмат кунидан қўрқадилар. У Кунда тижорат билан, олди-сотди билан машғул бўлиб, Аллоҳнинг зикрини, намозни тўкис адо этишни, закот беришни унутганларнинг қалблари ва кўзлари қўрқинчдан изтиробга тушади.

38. Бу қилган амалларининг энг яхшисига Аллоҳ уларни мукофотлаши ва фазлу карамидан кўпайтириб бериши учундир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ беради.
Аллоҳ таолонинг зикридан, намозни мукаммал адо этишдан ва закотни ҳақдорларига беришдан ҳеч бир тижорат ва олди-сотдилар тўсмайдиган кишилар Аллоҳнинг нурига сазовор бўладилар ва қиёматда ушбу оятда зикр қилинган мукофотларга эришадилар. Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига ваъда қилган мукофотларининг энг яхшиси уларнинг жаннатга киришларидир. Жаннат Аллоҳ ва Унинг Расулига, юборган ҳақ Китобига имон келтириб, солиҳ амаллар қилган инсоннинг абадий роҳат-фароғатда яшаб қоладиган манзилидир. Бунга эришганларнинг чеҳралари неъмат хурсандлиги билан тўла, улар дунё ҳаётида қилган ишлари (имонлари, ихлослари, тақволари, ибодатлари, солиҳ амаллари)дан розидирлар. Чунки улар нозу неъматлари олий даражали жаннатдадирлар. Чунки улар унда беҳуда (сўкиш, койиш, озор бериш, ёлғон, бўҳтон, ботил гапларни, кўнгилларини хира қилувчи) сўзларни эшитмайдилар, балки фақат яхши ва ёқимли сўзларни тинглайдилар. Бу дунёда Аллоҳ йўлида турли машаққат ва синовларга сабр қилиб ўтганлари учун энди жаннатда уларга тинчлик-осойишталик, турфа неъматлар бўлади! Аслида охират неъматлари бу дунёдаги барча неъматлар-дан нави жиҳатидан ҳам, бошқа жиҳатларидан ҳам устун туради. Бунинг устига у доимий-абадий неъмат, бу дунёники эса ўткинчи ва бебақодир. Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кишиларга дунёда беҳисоб ризқ ато этса, охиратда уларга кўзларни кувнатувчи, дилларга сурур бағишловчи неъматларини беҳисоб қилиб беради. Жаннатдаги энг олий неъмат Аллоҳ таолонинг жамолини кўриш ҳисобланади.

39. Куфр келтирганларнинг амаллари эса, саҳродаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлаб, олдига келгач, ҳеч нарса топа олмайди ва ўз қаршисида Аллоҳни топади. Шунда У Зот унинг ҳисоб-китобини тўлиқ қилади. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчидир;
Яъни, куфр келтирганларнинг амаллари худди саҳродаги саробга ўхшайди. Улар бирор соҳада билимли мутахассис бўлсалар-да, ҳаётларини бутунлай мавҳумликда ўтказишади, охиратда ўзлари-ни нима кутаётганини ҳатто билишмайди ҳам. Улар худди қаттиқ ташна ҳолида саҳрода сув ахтариб юрган одамга ўхшатилмоқда. У узоқдан кўринган манзарани сув деб ўйлаб, унга яқинлашади, аммо етиб борса, сув деб ўйлагани сароб экан. Худди шу каби кофир ва мунофиқлар ҳам бу дунёда ўзларича, “уни қилдим, буни қойиллатдим” деб амалларини санаб, яхши-яхши умидлар билан охират томон боришаверади. Қиёмат қоим бўлиб, «манзиллари»га етганларида эса номаи аъмолларида (амал китобларида) ҳеч нарса топа олишмайди. Чунки куфр ва нифоқ ҳар қандай, ҳар қанча амални йўққа чиқаради, саробга айлантиради. Улар «Қилган амалимизнинг савобини топамиз» деб борган жойларида Аллоҳ таолога рўбарў бўлишади, шунда Аллоҳ азза ва жалла уларни бекаму кўст, заррача яхшилик ва ёмонлигини қолдирмай ҳисоб-китоб қилади. Чунки у тез ҳисоб-китоб қилувчи қудратли Зотдир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ана шулар Парвардигорларининг оятларига ва Унга рўбарў келишга куфр келтирганлардир. Демак, уларнинг амаллари беҳуда кетди. Қиёмат куни уларга ҳеч кандай вазн бермаймиз” (Каҳф, 105).

40. ёки худди денгиз қаъридаги зулматларга ўхшайди. Уни тўлқин устидан тўлқин қоплайди, унинг устидан эса булут. Бир-бирига устма-уст зулматлардир: қўлини чиқарса, уни кўра олмайди ҳам. Кимга Аллоҳ нур бермаса, унинг учун ҳеч бир нур бўлмайди.
Олдинги ояти каримада куфр эгаларининг амаллари беҳуда кетиши ҳақида сўз юритилган бўлса, ушбу оятда Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг хатарли оқибатлари, дунё ва охиратдаги адашувлари ўзига хос услубда баён этилмоқда. Яъни, кофирларнинг ҳолати худди денгиз қаъридаги зулматларга ўхшайди. Унинг устидан қаватма-қават тўлқинлар қоплаб ётган бўлади. Тўлқинларнинг устидан эса булут қоплаб олган. Зулмат устига шундай қаттиқ зулмат ўраганки, нурдан маҳрум кимса қўлини чиқарса, ҳатто уни кўра олмайди ҳам. Имонсизликнинг ана шундай қуюқ зулматлари ичра қолган кимсалар Аллоҳнинг нурини, ҳидоятини, имон нурларини қандай кўра олишсин? Аллоҳ кимга нур бермаса, у ҳамиша зулматда қолади, имон ва ҳидоят нуридан баҳра ололмайди, икки дунё саодатини бой беради. Чунки борлиқда Аллоҳнинг нуридан бошқа нур йўқдир. Шунинг учун Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқлар қат-қат зулматлар остида қолган одам кабидирлар. Ҳолбуки, улардан бошқа барча мавжудот бу зулматлардан йироқда нурга кўмилиб, Аллоҳга ибодат қиляпти, Унинг зикрини қиляпти, ҳидоятига эришяпти. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳнинг нурини (Исломни) оғизлари (беҳуда сўзлари) билан ўчирмоҳчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёҳтирмаса-да, Ўз нурини (динини) камолга етказувчидир” (Саф, 8).

41. (Эй Муҳаммад), Аллоҳга осмонлар ва Ердаги жонзотлар, қанот қоққан қушлар ҳам тасбеҳ айтишини кўрмадингизми?! Ҳар бири ўз дуоси ва тасбеҳини билади. Аллоҳ эса уларнинг нима қилаётганларини билувчидир.
Атрофингизга ибрат назари билан боқинг, Аллоҳ яратган махлуқотларнинг ҳатти-ҳаракатлари ҳақида озгина мушоҳада қилиб кўринг. Шунда сиз ажойиб бир мўъжизани кўрасиз. Агар қалб кўзи билан атрофга назар ташласангиз, борлиқдаги ҳамма нарса, барча жонзотлар Аллоҳга тасбеҳ айтаётганини кўрасиз. Жумладан, осмонда саф тортиб парвоз қилаётган ёки дарахтларда турган қушларнинг ўз тилларида сайрашлари ҳам уларнинг Аллоҳга тасбеҳ айтишидир. Борлиқдаги барча махлуқотнинг Парвардигорига ўз дуоси, илтижоси, тасбеҳи бор. Куфр ва ширк ботқоғига ботган кимсалар Аллоҳга тасбеҳ айтишни ўзларига ор билишади, У Зотни зикр қилишдан маҳрумдирлар. Кофир ва мунофиқлар билиб қўйсинларки: кушлар ва бошқа жонзотларнинг ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан бўлишлари, Унга тасбеҳ айтишлари айни ҳақиқатдир. Сўзимизнинг исботи учун таниқли ватандошимиз, атоқли Ислом алломаси Саййид Мубашшир Тарозийнинг “Соф табиат дини” китобидан қуйидаги икки воқеани келтириш ўринлидир: “Талабалик йилларимда отам раҳматуллоҳи алайҳнинг мухлислари истиқомат қиладиган қишлоқларга дам олиш учун чиқишга одатланган эдим. Дам олиш билан бирга, Аллоҳнинг махлуқотлари билан яқиндан танишиб, улардан ибрат олишга ҳаракат қилар эдим. Мушоҳадаларим натижасида менга ажойиб ибрат берган, энг кўп руҳий лаззат бағишлаган нарса тупроқ рангидаги, бошида тожи бор «сўфитўрғай» деган қуш эди. Бу куш хас-чўплардан ясалган уяси олдида туриб «ё» қофияли сўзларни такрорлар эди. Кейин эса секин-секин осмонга кўндалангига қараб юксаларди. Шу ҳолда кўтарилиб бориб, ҳавода муаллақ туриб олар, ”е”ли сўзларни ҳамма эшитадиган қилиб такрорлар эди. Унинг бу ҳолини атрофдаги барча одам кўрар ва овозини эшитар эди. Сўнгра қуш қандай кўтарилган бўлса, шундайича - аста-секин пастга қайтиб тушар эди. Пастлар экан, қулоқларда жаранги, қалбларда оҳанги қоладиган сўзларини яна такрорлар эди. Шу тарзда ўз уясига келиб қўнар эди. Аллоҳга қасамки, мана эллик йилдан ошди, ёшим етмишга етди, аммо ўша кушнинг осмонга парвоз қилиб, сўнг уясига қўниб қилган «хиргойилари» худди бугунгидек эсимда турибди. Мен ҳам, бошқалар ҳам ўша куш Парвардигорини зикр этиб, тасбеҳ айтаётганига ҳеч шубҳа қилмас эдик”.
Иккинчи воқеада шундай мисол келтирилади: “Фарзандларимдан бири 1966 йил 14 июль куни бир тўтиқуш сотиб олди. Бу қушни Занжибардан келтиришган экан. Олти ойлик умри бор эди. Сўзларни билмас, аммо сайрар ва сўз ўрганишга тайёр экани билиниб турар эди. Мен унга «Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ» сўзларини ўргата бошладим. Бир неча кундан сўнг у «Аллоҳ» сўзини бемалол айтадиган бўлди. Кейин «Эй бола, Аллоҳ мавжуд» дейишни ўргатдим. Бу билан худосизларга танбеҳни ирода қилган эдим. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун тўти бу гапни такрорлар эди. Бора-бора у аниқ талаффуз билан: “Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ» дейдиган, кейин худосизга қараб “Эй бола, Аллоҳ мавжуд” , дейдиган бўлди. Тўти ҳозир ҳам болалар ҳузурида сўз ўрганмоқда. “Аллоҳ» сўзини ҳар куни маълум вақтларда, хусусан бомдод намозидан сўнг мароқ билан такрорлайди. Бу эса унинг яратган Холиқнинг борлигини сезишидандир”.

42. Осмонлар ва Ернинг ҳукмдорлиги Аллоҳга хосдир ва қайтиш ҳам фақат Аллоҳгадир.
Осмонлар ва Ернинг, улар орасидаги барча нарсаларнинг ягона ҳукмдори Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Парвардигорнинг Ўзи буларни қатъий низоми билан бошқаради, уларга эгалик қилади, тасарруфини амалга оширади. Бунда Унга ҳеч бир зот шериклик қила олмайди, Унга ёрдам кўрсата олмайди. Шунингучун Аллоҳдан ўзгага юзланиш, қандайдир сохта “илоҳ”ларга сиғиниш нотўғридир, бу соғлом ақлга, мантиққа мутлақо тўғри келмайди. Аллоҳнинг паноҳидан бошқа паноҳ йўқдир. У Зотнинг таъқибидан осмонларга ҳам, Ернинг остига ҳам қочиб бўлмайди. У Зотнинг ҳисоб-китобидан, жазо-иқобидан ҳам асло қутулиб бўлмайди. Шундай бўлгач, Унинг Биру Борлигига имон келтиринг, Унинг амр-фармонларини сўзсиз бажаринг, Пайғамбарига эргашиб, у зотнинг суннатларини маҳкам ушланг. Шундагина чин мўмин бўлиб, икки дунёнинг саодатини қўлга кири-тасиз. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), осмонлару Ер Аллоҳнинг мулки эканини, кимни хоҳласа азоблашини, кимни хоҳласа кечиришини ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирлигини билмадингизми?! (Моида, 40).

43. Аллоҳнинг булутларни ҳайдашини, сўнгра уларни бирлаштиришини, сўнгра уларни қатлашини кўрмадингизми?! Сўнгра уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. У осмондан, ундаги «тоғ»лардан дўл ёғдириб, у билан Ўзи хоҳлаганларга мусибат етказади ва Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборади. Чақмоғининг ярқираши кўзларни кетказай дейди.
Ёмғирнинг ҳосил қилиниши ҳақида Қуръони каримда келган васфни ва булутларнинг хоссаларини ўрганган метеоролог олимлар ҳайратланарли хулосага келдилар. Ёмғирли булутларнинг пайдо бўлиши жараёни аниқ режа, илоҳий тадбир бўйича кечар экан. Буни асослаш учун фанда «кумулонимбус» дея ном олган ёмғирли булутнинг пайдо бўлиш даврларини келтириш кифоя. Биринчи даврда шамол булутларни жойида силжитиб, уларни ҳайдашга тушади. Шунда булутларнинг самода кўчиши бошланади. Сўнгра шамол ҳайдаётган кичик, парча булутлар (жумулус) кўчиш пайтида бир-бирига қўшилиб, янги, катта булутларни ҳосил қилади. Кичик булутларнинг ўзаро қўшилиши билан катта булутнинг ички итариш кучи ортади. Итариш кучи булутнинг ўрта қисмида четига нисбатан кучли бўлади. Бу куч натижасида булут тиккасига ҳам катталаша бошлайди. Шу тариқа юқорига томон кенгайган булутлар бир-бирининг устига тахланиб, қатланади. Атмосферанинг салқинроқ қатламларига етган булутда сув томчи кўринишида тўпланади. Ниҳоят ёмғир, дўл ва бошқа хил ёғин сифатида ерга туша бошлайди. Ёмғирли булутларнинг пайдо бўлиши ва тузилиши инсонларга яқиндагина, самолёт, Ер йўлдошлари, компьютерлардан фойдаланиши натижасида маълум бўлди. Ваҳоланки, одамзод бу жараён хусусида 1400 йил аввал Куръони карим орқали хабардор этилган эди.
Ояти каримада хабар бериляптики, Аллоҳ таоло осмондаги тоғ каби улкан булутлардан дўл ёғдириб, у туфайли хоҳлаган жойларига ва одамларига мусибат етказади, экинларини пайҳон қилиб, ашёларига шикаст ва талафотлар етказади. Ҳозирги давримизда кучли ёққан катта дўлларнинг одамлар ва жонзотларни ҳалок қилгани ҳақидаги маълумотлар ҳам учрайди. Иқлимшунос олимларнинг ёзишларича, одатда дўл маълум бир йўл, чизиқ бўйлаб ёғиб ўтади, у бир жойга катта талафот етказгани ҳолда ўша жойнинг ёнгинасидаги ҳудудни четлаб ўтиб кетади. Аллоҳнинг изни билангина ҳаракатга келадиган чақмоқнинг ярқираб чақнаши ҳам Парвардигорнинг бир офатидир, у теккан жонзот ҳалок бўлади, иморат ва дарахтлар ёниб кетади, унинг ёрқинлигидан кўзлар қамашиб, кўрмай ҳам қолади.

44. Аллоҳ кеча ва кундузни алмаштириб туради. Бунда кўз (ақл) эгалари учун албатта ибрат бордир.
Аллоҳ таолонинг кеча ва кундузни бир хил вақтда алмаштириб туриши ҳикматининг ўзиёқ У Зотнинг буюк яратувчилик қудратига далил-исботдир. Агар очиқ фикрли, қалб кўзига эга бўлган инсонлар бу ҳодисага чукурроқ эътибор билан қарашса, озгина фикр юритишса, бу жараённинг ҳам бежиз эмаслиги ойдинлашади. Агар ҳаётимиз фақат кундуздан ёки кечадан иборат бўлишини тасаввур қилсангиз, бундаги илоҳий ҳикматни дарҳол тушуниб оласиз. Кеча ва кундузнинг алмашиши ҳақидаги маълумотлардан Ернинг тузилишини ҳам билиб олиш мумкин. Оятда келтирилган жараён Ернинг шакли думалоқ бўлгандагина амалга ошади. Шу тариқа, еттинчи асрда нозил қилинган Қуръонда Ернинг шарсимонлигига ишора бор, агар кеча кундузни қувиб ўтмаса, кеча-кундуз алмашмаса, ундан ер ясси, текис бўлур эди. Шуни унутмаслик лозимки, Исломдан олдинги давр фалакшунослари Ерни бошқача шаклда тасаввур қилишар, сайёрамизни “ясси текислик” дейишар ва барча илмий хулосалар шунга асосланар эди. Исломдан олдинги халқларда ясси Ерни сув устидаги жонзотлар кўтариб туради, деган бемаъни тасаввурлар бор эди. Йигирманчи асрга келибгина маълум бўлган маълумот ва илмий далиллар ўн беш аср олдин Қуръон оятларида айтиб қўйилган эди. Қуръони каримда шундай баён қилинади: «(Эй Муҳаммад), айтинг: «Хабар беринглар-чи, агар Аллоҳ кечани киёмат кунигача устингизда мангу килиб кўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга бирон ёруғлик келтира олур?! Ахир эшитмайсизларми? Айтинг: «Хабар беринглар-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб кўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга таскин оладиган кечани келтира олур?!Ахир, кўрмайсизларми?!» (Қосос, 71-72).

45. Аллоҳ ҳамма жонзотни сувдан яратди. Улардан қорни билан юрадиганлари ҳам, икки оёқда юрадиганлари ҳам, тўрттасида юрадиганлари ҳам бор. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
Ояти каримадаги “сув” сўзини муфассирлар турлича тафсир қилишган. Бир гуруҳлари Аллоҳ энг аввал яратган махлуқ сув бўлгани, ундан эса ҳаётий унсурларни - олов, шамол, тупроқни яратганини айтишади. Айримлар эса “сув”дан мурод маний назарда тутилади, дейишган. Қуръони карим шундай баён этади: “Инсон нимадан яратилганига боқсин: сулб (умуртқа) ва “тароиб”дан (кўкрак ораси) отилиб чиқувчи «сув»дан яралган” (Ториқ, 5-7). Барча махлуқотлар каби инсон танасининг асосий қисми сувдан иборат экани назарда тутиладиган бўлса, ушбу оятдаги маънода янада ойдинлашади. Инсонларга ато қилинган улуғ инъом бўлмиш оддийгина сувнинг инсон саломатлиги борасида катта аҳамияти ва ўрни бор. Вояга етган инсон танасининг асосий қисми: қоннинг 83 фоизи, тўқималарнинг 75, миянинг 74, суякларнинг 22 фоизи сувдан иборат. Ҳатто кўзимизнинг асосий қисмини ҳам фақат сув ташкил этади. Танамизда жами қирқ-эллик литр сув мавжуд. Шундай бўлгач, инсон ҳаётини сувсиз тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Аллоҳ барча махлуқотини сувдан яратган экан, улар орасида илон каби қорни билан судралиб юрадиганлари ҳам, инсон каби икки оёқлилари ҳам, бошқа жуда кўп ҳайвонлар каби тўрт оёқлаб юрадиганлари ҳам бор. Аллоҳ ана шундай ҳар хил, турфа махлуқотларнинг ҳаммасини яратган ягона Илоҳдир. Ўтган оятларда булутларнинг шамол ёрдамида ҳайдалиши, улардан ёмғир ёғиши, дўл тушиб, кимларгадир мусибат етказиши, кимларнидир четлаб ўтиши, чақмоқ чақиши ва кечаю-кундузнинг алмашиниши каби Аллоҳнинг Бирлиги ва Борлигига, чексиз қудратига далолат қилувчи табиат ҳодисаларига эътибор қаратилганидан сўнг кейинги оятларда Парвардигорнинг ҳамма нарсани сувдан яратгани, У Зот халқ қилган махлуқотлар турли кўринишда, ҳар хил мақом ва даражада бўлиши ҳақидаги ҳикматлар баён этилади. Аллоҳ яратган махлуқотлар турлича бўлгани каби Уни инсонлар то-монидан таниш, маърифатига эришиш ҳам турлича бўлади. Имон эгалари Аллоҳ яратган мавжудотларга ибрат назари билан боқиб, ҳар бир яратилишда Сониънинг буюк санъатини кўришади ва Унга тасаннолар айтишади. Залолатда қолганлар эса Аллоҳнинг ваҳдониятидан бебаҳра қолиб, улар Аллоҳ азза ва жалланинг буюк яратувчилик қудратидан ибратланишмайди, Унинг таълимотларидан юз ўгириб кетишади ва икки дунё саодатини бой беришади.

46. Дарҳақиқат, Биз баён қилиб берувчи оятларни нозил қилдик. Аллоҳ Ўзи хоҳлаганини тўғри йўлга йўллаб қўяди.
Аллоҳ таолонинг оятлари шу қадар равшан ва очиқ-ойдиндирки, улар ҳамма нарсани батафсил ва тамсиллар билан баён қилиб беради. Улар Аллоҳнинг нурини ҳам, куфрнинг зулматини ҳам, яхши-ёмонни ҳам, пок-нопокни ҳам - ҳамма нарсани баён қилиб беради. Уларни эшитган, улар ҳақида фикр юритган ва улардан ибрат олган ҳар бир инсон йўлдан озмаслиги, ҳидоятдан юз бурмаслиги керак эди. Лекин Аллоҳ азза ва жалладан тавфиқ насиб бўлмаса, инсонлар ҳаммасини кўриб-билиб туриб ҳам ҳақ йўлни топа олишмайди, залолатда юришаверади. Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаб, ҳидоятга интилган одамга нурини ато этиб қўяди. Ким имон сари интилса, ҳаракат қилса, Аллоҳ уни асло ноумид қўймайди. Аммо баъзи одамлар бутунлай ўзгача йўл тутадилар.

47. Улар: «Аллоҳга ва Расулга имон келтирдик ҳамда итоат қилдик», дейишади. Сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетади. Ана ўшалар мўмин эмасдирлар.
Ушбу ояти карима мунофиқлар гуруҳи ҳақидадир. Мунофиқлар дилида йўқ нарсани бор деб кўрсатувчи, иккиюзламачи, ташида мўмин кўриниб, аслида мўмин-мусулмонларга ва Исломга қарши кимсалардир. Улар “Аллоҳга имон келтирдик, қиёмат кунига ишондик, мўмин бўлдик” деган ёлғон даъволари билан Аллоҳни ва мўминларни алдамоқчи бўлишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамма нарсани билиб турувчи Зот, Уни мутлақо алдаб бўлмайди, улар сезмаган ҳолда ўзларини алдайдилар, холос. Мунофиқлар мўминлик даъвосини қилиб, Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтиришгани ҳақида оғиз кўпиртириб гапиришадию, лекин ўз сўзларига амал қилишмайди. Айниқса уларга Нур сураси ўқиб берилганида улар ўзларини қўйгани жой тополмай қолишади, юраклари сиқилади. Чунки бу сура уларга зинони ва бошқа бузуқликларни, беҳаёликни, ахлоқсизлик саналган ҳавойи нафснинг истакларини тақиқлаб, Ислом ахлоқи доирасида ҳалол-пок ва иффатли ҳаёт кечиришни таклиф этади. Улар мўминликни даъво қилсалар ҳам, аслида шариатга амал қилишга келганда дарҳол юз ўгириб кетадилар. Аллоҳ буюрган, имони тақозо этган амалларни бажармаган одам қандай қилиб мўмин бўла олади?! Бундай одамлар оғизда мўминлик даъвосини қилишса ҳам, аслида Аллоҳ ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукми бўйича иш юритишдан бош тортадилар.

48. Қачон ораларида ҳукм чиқариш учун Аллоҳ ва Унинг Расули сари чорлансалар, ногоҳ улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетади.
Улар ораларида Аллоҳнинг амри, Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан ҳукм юритилишини зинҳор хоҳлашмайди. Улар оғизда мўмин-мусулмонлик даъвосини қилишса ҳам, аслида Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбарининг хукми асосида эмас, бошқа хукм остида яшаш ва иш юритишни истайдилар. Шундай экан, улар қандай қилиб мўмин-мусулмон саналишади? Мана шундай мунофиқларнинг табиатига зеҳн солинса, аксарияти Аллоҳ фарз қилган амалларни қилмайди, оғизда эса мўмин-мусулмонлик даъвосини қилаверади. Бунинг устига бирлашиб олиб, Исломга қарши, мусулмонларга қарши хусуматини бир зумга ҳам тўхтатмайди. Бундай одамларга «Модомики, сиз мўмин-мусулмон экансиз, келинг, орамизда Аллоҳнинг ва Унинг Пайғамбарининг хукми юритилсин» дейилса, ўша заҳоти юз ўгириб кетади. Бундай иккиюзламачи кимсаларни қандай қилиб мўмин-мусулмонлар қаторига қўшиш мумкин?! Муфассирлар шундай ёзишади: “Ушбу ва бундан кейинги оят Бишр исмли мунофиқ ҳақида нозил бўлган. У бир яҳудий билан ер борасида хусуматлашиб қолди. Яҳудий ораларида ҳукм қилиш учун уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришга ундади. Мунофиқ эса уни Каъб ибн Ашроф ал-Яҳудийнинг олдига боришга ундаб: “Муҳаммад бизга адолатсизлик қилади”, деди.

49. Агар ҳақ уларда бўлса, унга бўйин эгиб келишарди.
Яъни, мунофиқлар бир одам билан тортишиб қолиб, ўзларининг ноҳақ эканларини билишсаю, “Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига бориб бу ишни бир тарафли қилайлик” дейилса, бу таклифни ҳаргиз қабул қилишмайди. Чунки улар шуни яхши билишадики, Аллоҳнинг Пайғамбари ҳақнинг зиддига асло ҳукм чиқармайдилар. Бордию ўзлари ҳақ бўлиб, мухолифлари ноҳақ бўлса, ҳаммадан олдин Расули акрамнинг ҳузурларида ҳозир бўлишади. Буларнинг имонлари нафсларига бўйсунишдан бошқа нарса эмас! Мунофиқлар оғизларида имон, Ислом даъвосини қилишадию, аммо имон ва Ислом бўйича иш кўришга келганда дарҳол юз ўгириб кетишади. Улар имон ва шариат қўйган мажбуриятларни адо этишни мутлақо исташмайди. Айни пайтда мўмин-мусулмонларга имон ва Ислом берадиган имтиёзлардан ўзлари тўла фойдаланишни хоҳлашади.

50. Уларнинг дилларида касаллик борми? Ёки шубҳа қилишадими? Ёхуд Аллоҳ ва Унинг Расули уларга зулм қилишидан қўрқишадими? Йўқ, ана шуларнинг ўзлари золимлардир.
Яъни, тилида имон, Ислом даъвосини қилиб, амалга келганда юз ўгириб кетувчиларда уч ҳолатдан бири бўлади, акс ҳолда бунчалар тубанликка боришмас эди. Ана шу уч ҳолат бу ояти каримада учта савол орқали берилмоқда: 1) “Уларнинг дилларида касаллик борми?”. Бир одам мўминлик даъвосини қилсаю, аммо воқеъликда бунга амал қилмаса, унинг соғ-саломат эканига шубҳа пайдо бўлади. Чунки қалби соғ киши тили билан айтган гапининг уддасидан албатта чиқади, айтган гапининг тескарисини қилмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Уларнинг дилларида касаллик бор, Аллоҳ уларнинг касалини янада кучайтирди ва ёлғон гапиришгани учун уларга аламли азоб бордир” (Бақара, 10); 2) “Ёки шубҳа қилишадими?”. Уларнинг мўминлик даъвоси қанчалар ёлғонлигига мунофиқларнинг имон ва Исломнинг илоҳий нур эканига, Аллоҳ таолонинг ҳукми ҳақ эканига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватларига қилаётган шубҳаларидир. Агар буларга шубҳа қилишмаганда албатта ишонган ва ҳаётларини шу асосда қурган бўлишарди; 3) “Ёхуд Аллоҳ ва Унинг Расули уларга зулм қилишидан қўрқишадими?”. Уларнинг воқеъликда ўзларининг мўмин-мусулмонликка амал қилмасликларига “Имон ва Ислом тақозоси бўйича иш юритилса, Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга зулм ўтказади” деган қўрқинч ҳам бўлиши мумкин. Агар шундай қўрқинч бўлмаса, Аллоҳнинг ҳукмига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишлари лозим эди. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ҳеч кимга зулм қилмаган, қилмайди ҳам. Чунки Аллоҳнинг адолати мутлақдир, У ҳамманинг Парвардигори бўлгани учун барчага баробардир. Шунинг учун Аллоҳ таолодан заррача зулм содир бўлиши мумкин эмас. Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Аллоҳнинг ишончли элчисидирлар. У зотдан ҳам заррача зулм содир бўлиши мумкин эмас. Чунки зулм деган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларида мутлақо йўқ. Агар бошқаларга заррача зулм қиладиган бўлганларида Аллоҳ таоло у кишини Ўзига элчиликка танлаб олмас эди. Демак, Аллоҳнинг ҳукмига юрмаганларнинг ўзлари золимдирлар. Чунки Аллоҳнинг ҳукмига юрмасликнинг ўзи энг катта зулм, Аллоҳнинг ҳукмидан бошқанинг ҳукмини афзал қилиш айни зулмдир. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари зулм қилади, деган гумонда бўлишнинг ўзи бундан ҳам катта зулмдир.

51.    Мўминларнинг ораларида ҳукм чиқариш учун Аллоҳ ва Унинг Расулига чорланганларидаги гаплари «Эшитдик ва итоат қилдик» бўлади. Ана шулар нажот топувчилардир.
Чин мўминнинг вазифаси Аллоҳ таолонинг ҳукмига чорланганида дарҳол «Амрни эшитдик, итоат қилдик» дейишдир. Ҳақиқий мўмин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига чорланганида ҳам дарҳол «Амрни эшитдик, итоат қилдик» дейди. Аллоҳ ва Унинг Расулининг ҳукмига сўзсиз бўйсуниш киши имонининг белгисидир. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмига сўзсиз итоат этганларгина ҳақиқий мўминлардир ва улар албатта нажот топишади. Аллоҳ таоло айтади: “Билингларки, ораларингизда Аллоҳнинг Пайғамбари бордир. Агар у кўп ишларда сизларга бўйсунса, сизлар машакқатларга дучор бўлардингиз. Лекин Аллоҳ сизларга имонни севимли қилди ва уни дилларингизга нақш қилди ҳамда сизларга куфрни, фисқ-фужурни ва итоатсизликни ёмон кўрсатиб қўйди. Ана ўшаларгина тўғри йўлдагилардир” (Ҳужурот, 7).

52.    Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, ана шуларгина ютуққа эришувчилардир.
Яъни, ким дунё ва охиратда ютуққа эришмоқчи бўлса, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этсин. Аллоҳнинг Қуръонига ва Расулининг суннатига амал қилсин. Ким дунёю охиратда ютуққа эришмоқчи бўлса, Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилиб яшасин. Тақводорлар Аллоҳдан қўрққанлари учун Унинг амрига итоатда туришади. Ўзларини барча ёмонликлардан тийишади. Охират йўлида ҳамиша ибодатда бўлишади. Жанннат неъматлари орзусида барча қийинчилик, азоб-укубатларга сабр этишади. Тақводорликнинг белгиси қўрқув ва умид орасида туришдир. Яъни, Аллоҳнинг ғазабидан, азобидан, дўзахидан, иқобга олишидан, ҳисоб-китобидан қўрқиш ва айни пайтда Унинг раҳмат-мағфиратидан, меҳрибонлигидан, жаннатга киритишидан умидворлик туйғуси билан яшашдир! Чунки Парвардигоримиз тақволи бандалар учун қиёматда улуғ мукофотларни, жаннат боғларини ва бундан ҳам олий мартабаларни тайёрлаб қўйгани хабарини берган. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоатда бўлса, У остидан анҳорлар оқиб турувчи, унда абадий қолинадиган жаннатига киритади. Бу эса буюк саодатдир. Ким Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарига исён ва чегараларига тажовуз қилса, У абадий қолинадиган дўзахига киритади ва унда хорловчи азоблар бордир” (Нисо, 13-14).

53. (Эй Муҳаммад), агар амр қилсангиз, албатта (жиҳодга) чиқишлари ҳақида жон-жаҳдлари билан Аллоҳга қасам ичишади. «Қасам ичманглар! Бу маълум тоатдир, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир», денг.
Мунофиқлар ниҳоятда оғир қасамларни ичиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қаноатлантирмоқчи бўлишади. У зотга мунофиқларга шуларни айтиш буюриляптики, “Бунчалик баланд-парвоз қасамларингизга зарурат йўқ, балки соф мусулмонлар каби Аллоҳ ва Унинг Расулига чиндан итоат қилинса кифоядир. Чунки сизларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатингиз, бор қилмишларингиздан Парвардигор хабардордир”. Оғзида мўмин-мусулмонликни даъво қилиб, лекин имон, Ислом тақозосига кўра иш тутмайдиган мунофиқлар ўз гапларини тасдиқлаш мақсадида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга «Агар сиз амр этсангиз, биз албатта жиҳодга чиқиб, уруш қиламиз» деб лоф урар, Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб, жон-жаҳдлари билан қасам ичишар эди. Улар нифоқларини яширишга қанчалик уринсалар ҳам, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўриб-билиб туради-ку. Ҳақиқий жиҳодга чиқувчи ким-у, жиҳодга чиқиш ҳақида лоф уриб, мунофиқлик қилувчи ким эканини Аллоҳ азза ва жалла яхши билади. Шунинг учун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига бу ҳақда хабар бериб, мунофиқларга нима дейиш кераклигини ўргатмоқда. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Баъзи инсонлар борки, улар: «Бизлар Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишондик», дейишади, ҳолбуки улар мўмин эмаслар. Улар Аллоҳни ва мўминларни алдамоқчи бўлишади, ваҳоланки, ўзлари сезмаган ҳолда ўзларини алдашади” (Бақара, 8-9).

54. «Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг! Энди агар юз ўгирсанглар, унинг зиммасида ўзига юклатилган нарса, сизларнинг зиммангизда ўзингизга юкланган нарса бордир. Агар унга итоат қилсангиз, ҳидоят топасизлар. Пайғамбар зиммасида фақат очиқ-ойдин етказиш бордир», денг.
Яъни, «Эй инсонлар, Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига бўйсунинглар, У Зот юборган Пайғамбарга имон келтириб, унга итоат қилинглар. Агар Аллоҳ ва Унинг Расулига бўйсунишдан бош тортсанглар, Пайғамбарнинг зиммасида умматга ваҳийларимизни етказиш ҳамда азобимиздан огоҳлантириш вазифаси бор, сизларнинг зиммангизда эса Аллоҳ ва Унинг Расули буюрган амалларни бажариш, қайтарганларидан четда бўлиш бурчи бор. Ким Аллоҳнинг Пайғамбарига итоат қилса, ҳидоятга эришган бўлади, ким бундан бош тортса, мунофиқлар тоифасидан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасига умматни ҳидоятга чорлаш юкланган ва у зот бу вазифаларини мукаммал адо этяптилар. Энди сизларнинг вазифангиз Пайғамбар алайҳиссаломнинг рисолатини тасдиқ этиш ва у зотга бўйсунишдир. Агар шуни адо этсангиз, дунё ва охиратда ҳидоятга эришиб, саодатманд бўласизлар, инкор этсангизлар, оқибатларингизни барбод қилган бўласизлар. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “(Эй Муҳаммад), мунофикушрнинг орасида шундай кимсалар борки, улар сизга кулок, солиб турадида, ҳузурингиздан чиққач, илм ато этилган зотлардан “Ҳозиргина у нима деди?” деб сўрашади. Ана ўшалар Аллоҳ дилларини муҳрлаб кўйган ва ўзларининг ҳавойи нафсларига эргашган кимсалардир” (Муҳаммад, 16).

55. Аллоҳ сизлардан имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Улар Менгагина ибодат этишади ва Менга бирор нарсани шерик қилишмайди. Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, ана шулар фосиқлардир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларига катта мукофотлар ва савоблар берилишини ваъда қилмоқда. Ана шу ваъдалардан бири имон келтириб, солиҳ амал қилганларни улардан олдин ўтганларни ўринбосар қилганидек, уларни ҳам ўринбосар қилишидир. Олдинги умматлардан қай бири Аллоҳ таолога имон келтирган ва бу имон унинг бутун вужудини қамраб олган бўлса, ўша имони тақозоси билан солиҳ амаллар қилиб ҳаёт кечирган бўлса, Аллоҳ таоло уларни Ўзининг Ер юзидаги ўринбосари этиб, Ер юзида ҳукми юритилиши учун уларни Ўзига ўринбосар қилиб қўйган эди. Энди бундай имконият фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларида бордир. Уларнинг мазкур ўринбосарликка эришишлари учун асосий шарт эса имон келтириб, солиҳ амал қилишдир. Ислом уммати ушбу шартни тўкис бажарган даврларда Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан албатта чиққан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида бундай инсонлар Арабистон ярим ороли, Баҳрайн, Яман ва бошқа жойларда ўринбосар бўлиб, Аллоҳнинг амрини юрита бошлашди. У зотдан сўнг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлган пайтда эса Ислом давлати чегаралари Форс, Шом ва Мисрнинг бир қанча ерлари ҳисобига кенгайди. Иккинчи халифа Умар ибн Хаттобнинг даврида Ислом дини ана шу юртларнинг ҳамма жойига тарқалди. Ўша пайтдаги дунёдаги энг қудратли салтанатлардан Рум ва Форс империялари инқирозга учраб, ўрнини Ислом давлати эгаллади. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб эса, Ислом давлати ҳудудлари Ер юзининг машриқидан мағрибигача кенгайди. Бу улкан футуҳотларнинг асосий сабаби мусулмонларнинг пок имонию солиҳ амаллари бўлди. Мусулмонлар ўша шартни бажарганлари учун Аллоҳ уларга имкон бериб, ер юзида ўринбосар қилиб қўйди. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло мусулмонларга имонлари ва солиҳ амаллари учун уларга Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ҳам ваъда қилган. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло яна улар бошига келадиган хавф-хатарлардан кейин уларга омонлик ва хотиржамликни бадал қилиб беришини ваъда қилган.
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим, бир пайт у зотнинг ҳузурларига бир киши келиб, йўқчилиқцан шикоят қилди. Сўнг яна бир киши келиб, йўлтўсарликдан шикоят қилди. Шунда у зот: «Эй Адий, Ҳийрани (Фурот дарёси яқинидаги шаҳар) кўрганмисан?» дедилар. «Кўрмаганман-у, лекин у ҳақца хабарим бор», дедим. У зот: «Агар умринг узоқ бўлса, тахтиравондаги аёлнинг Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаган ҳолда Ҳийрадан йўлга чиқиб, Каъбани тавоф қилганини албатта кўрасан. - Ўзимча: «Ўлкаларга ўт қўйган Тойнинг безорилари қаерда қоларкин?!» дедим. - Агар умринг узоқ бўлса, Кисронинг хазиналари фатҳ қилинади», дедилар. Мен: «Кисро ибн Ҳурмузнинг-а?» дедим. У зот дедилар: «Кисро ибн Ҳурмузнинг. Агар умринг узоқ бўлса, одамларнинг кафти тўла тилла ёки кумуш билан уни оладиган одам қидириб чиқиб, уни оладиган ҳеч кимни топа олмаганини албатта кўрасан. Бирингиз Аллоҳга йўлиқадиган Кунда У Зотга албатта йўлиқади ва У Зот билан унинг ўртасида таржима қилиб берадиган таржимон бўлмайди. У Зот: «Сенга етказиш учун расул юбормаганмидим?» дейди. У: «Ҳа, (юборгансан)», дейди. У Зот: «Мен сенга мол-дунё ато этиб, сенга фазлу марҳамат қилмаганмидим?» дейди. У: «Ҳа, (шундай)», дейди. Кейин у ўнг тарафига қараб, жаҳаннамдан бошқа нарсани кўрмайди. Сўнг чап тарафига қараб, жаҳаннамдан бошқа нарсани кўрмайди». Набий соллаллоху алайҳи васалламнинг «Яримта хурмо билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар! Ким яримта хурмони ҳам топа олмаса, ширин сўз билан (сақлансин!)» деяётганларини эшитганман. Кейинчалик мен тахтиравондаги аёлнинг Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаган ҳолда Ҳийрадан йўлга чиқиб, Каъбани тавоф қилганини кўрдим, Кисро ибн Ҳурмузнинг хазиналарини фатҳ қилганлар ичида ҳам бўлдим. Агар умрингиз узоқ бўлса, Пайғамбар Абулқосим соллаллоху алайҳи васалламнинг «Кафти тўла... чиқиб» деган гапларини ҳам албатта кўрасизлар» (Бухорий ривояти).
Ислом тарихини ибрат назари билан ўрганган киши ушбу ояти кариманинг мўъжизаси олдида албатта таслим бўлади. Мусулмон имони билангина бошқалардан ажраб туради. Имонгина уни олий мақомга чиқаради, саодатга элтади, дунё ҳаётидаги вазифасини белгилайди, охирати учун захира ҳозирлашга чорлайди. Инсон имони билангина барча махлуқларнинг гултожига айланади. Имон инсоннинг дунё ҳаётидан охират манзилига йўл кўрсатувчи порлоқ маёғи, ҳар бир ишда ҳаракат дастури, барча амалларнинг дебочасидир. Имонсиз киши ўзини ҳар қанча покдомон, софдил, яхши фазилатли кўрсатмасин, имони бўлмаса, Аллоҳ наздида чивин қанотича ҳам қадр топмайди, охират неъматларидан заррача насиба ололмайди. Фақат имонгина - Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, ўлгандан кейин қайта тирилишга, қадарга (барча яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билангина содир бўлишига) қатъий ишончгина инсониятни икки дунё саодатига эриштирадиган улуғ илоҳий неъматдир.
Ушбу ояти карима ҳақида Робиъ ибн Анас Абул Олиядан қуйидагиларни ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин Маккада ўн йил турдилар. Шу даврда у киши ва саҳобалари одамларни Аллоҳга яширин ва ошкора даъват қилиб, қўрқув ичида яшадилар. Сўнг Мадинага ҳижрат қилишга буюрилдилар. Мадинада ҳам хавфда яшадилар. Эртаю кеч қурол билан юришди. Шунда саҳобалардан бири: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизга бемалол, хавфсиз юрадиган, қуролларни ташлайдиган кун келадими?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Озгина вақтдан кейин сизлардан бирингиз катта жамоатнинг ичида бемалол, қурол-яроғсиз ўтирадиган вақтлар келади”, дедилар. Сўнг Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Шундан кейин Аллоҳ таоло ўз пайғамбарини бутун Арабистон ярим оролига ғолиб қилди. Асҳоблар қуролларни ташлаб, бемалол тинчлик-омонликда бўлдилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз ҳузурига олганидан кейин Абу Бакр, Умар, Усмон розияллоҳу анҳумнинг халифалик вақтларида ҳам тинчлик-омонликда яшадилар. Бу ҳолат то одамлар Аллоҳнинг неъматига ношукр бўлиб, қилар ишларини қилгунларича давом этди. Кейин шу сабабли Аллоҳ уларга қўрқувни бериб қўйди. Улар ўзгарган эдилар, Аллоҳ уларни ўзгартириб қўйди”.
Убай ибн Каъбдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари Мадинага келишганида ансорлар уларни бағирларига олишди. Шу вақтда бошқа бутун араблар уларга қарши бирлашишди. Уларга қарши ҳар хил усуллар қўллашар, уларни батамом йўқ қилишга ҳаракат қилишарди. Саҳобалар эса кечаю кундуз қурол-яроғ ва совут билан юришарди. Шунда улар: “Биз бемалол яшаб, хотиржам ухлайдиган, Аллоҳ азза ва жалладан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган пайтлар келармикан?” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига Нур сурасининг 55-оятини нозил қилди” (Ҳоким ривояти).

56. (Эй мўминлар), намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар ва Пайғамбарга итоат қилинглар. Шояд, раҳм қилинсангиз.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўминларга зиммаларидаги учта энг муҳим фарзни эслатмоқда. Буларнинг биринчиси намоздир. Намозни барча арконларига амал қилган ҳолда тўкис адо этмай туриб, имон, солиҳ амал ва Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилиш ҳақида гапириш ҳам мумкин эмас. Демак, намозсиз ер юзига халифа бўлиш, Ислом динини мустаҳкамлаш ва омонликка эришиш ҳақида хаёл қилмаса ҳам бўлади. Намоз мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп. Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир. Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, Унга муножот қилади. Шу ибодат ёрдамида руҳий, маънавий лаззат олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози билан ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен Ўзимга: ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди» (Абу Довуд ривояти).
Шунингдек, моли нисобга етганида бунинг закотини ҳақдорларга бериш ҳам мўмин банда зиммасидаги энг муҳим вазифалардандир. Закот Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан фарз бўлган. Мусулмонлар барча асрлар ва ўлкаларда закотнинг фарзлигига ижмоъ қилишган, яъни бир овоздан «закот фарз» деб айтишган. Закот масаласи фақат Аллоҳ таолонинг ягона Ўзига хос ишдир. Ким Аллоҳнинг таълимоти билан иш кўрса, ниятига етади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дини - Исломда иқтисодий муаммоларни ҳал қилишнинг йўлларидан бири закот асосида бўлиши кераклигини кўрсатиб қўйган. Бугунги кун тили билан айтганимизда, закот иқтисодни ҳал қилишдаги бир омил қилиб олинса, сўнгра унга бошқа исломий-иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий масала ўз ечимини осонгина топган бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш эса барча каттаю кичик муваффақиятларнинг гаровидир, бусиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётликларида у зотнинг шахсларига эргашиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин суннатларига амал қилиш билан бўлади. Шундай экан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмай туриб, муваффақият ҳақида ўйлашнинг ўзи бемаъниликдир. Демак, мусулмонлар ўзларига Аллоҳ таолонинг раҳм қилишини истасалар, намозларини тўкис адо этсинлар, закотни ҳақдорларига берсинлар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунсинлар.

57. (Эй Муҳаммад), куфр келтирганларни Ер юзида (Аллоҳни) ожиз қолдирувчи, деб асло ўйламанг! Уларнинг жойлари дўзахдир. У нақадар ёмон оқибатдир!
Аллоҳнинг Бирлиги ва Борлигига ишонмаслик, яъни Унга куфр келтириш энг оғир гуноҳлардан бўлиб, кофирлик инсонни ҳалокат сари бошлайди. Куфр Аллоҳ таоло асло кечирмайдиган улкан гуноҳлардан бўлгани учун ҳам куфр келтирганларнинг борар жойи албатта дўзахдир. Куфр келтирганлар тушадиган жой жуда ёмон оқибатдир, улар дўзахда абадий азоб-қийноқларга гирифтор бўлишади, бирор кимса уларга азобдан қутулишда ёрдам беролмайди, уларнинг қийноғини енгиллата олмайди. Аммо шундай огоҳлантиришларга қарамай, Ер юзида минглаб, миллионлаб кишилар имонга келмай, куфр исканжасида қолиб кетишяпти. Икки дунё саодатини бой бериб, абадий азоб чоҳига қараб кетишяпти. Аллоҳ таоло айтади: “Кофир бўлган кимсалар гуруҳ-гуруҳ қилиниб, дузахга ҳайдалишади. Улар дўзахга келишганида унинг дарвозалари очилади ва унинг кўриқчилари уларга: “Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар Парвардигорингиз оятларини сизларга тиловат қилиб, сизларни мана шу кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантириш учун келмаганмиди?”дейишганида, улар: “Ҳа, азоб лафзи кофирлар бўйича ҳак, бўлиб чиқди”, дейишади. Шунда айтилади: “Дўзах дарвозаларидан киринглар, сизлар ўша жойда мангу қолурсизлар!” Кибрли кимсаларнинг жойлари нақадар ёмон!” (Зумар, 71-72).

58. Эй имон келтирганлар! Қўл остингиздагилар ҳамда балоғатга етмаганларингиз сизлардан уч вақтда изн сўрасинлар: бомдод намозидан олдин, пешин вақтида кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан сўнг. Бу учтаси авратларингиздир, булардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. Баъзиларингиз баъзиларингизга кириб-чиқиб турувчиларсиз. Аллоҳ сизларга оятларини ана шундай баён қилади. Аллоҳ билувчидир, ҳакимдир.
Ислом дини инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олувчи, жамиятни мукаммал тарзда тартибга солувчи дин бўлиб, у инсонга кишилик жамиятининг барча муаммо ва тартибларини баён этиб беради. Биз тафсирини ўрганаётган Нур сураси бунинг ёрқин мисоли бўлиб, унда инсон ўзи яшаб турган жамиятда дуч келадиган барча ижтимоий ва ақидавий ҳолат ва муносабатлар ҳақида тушунча берилади. Ушбу сурада инсоннинг Ер юзида халифа бўлиши, Ислом динини мустаҳкамлаши кераклиги баён қилинганидан сўнг энди уй ичидаги баъзи муомалалар, хизматчилар ва кичик ёшдаги болаларнинг хонадон соҳиблари ҳузурига киришга изн сўраши борасидаги одоблари ва шунга ўхшаш бошқа масалалар ҳам зикр қилинади. Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло мўминларга изн сўраш одобларидан таълим бермоқда. “Қўл остингиздагилар” деганда қул ва чўрилар, хизмат қилувчи ходимлар тушунилади. “Балоғатга етмаганларингиз” жумласи оиладаги балоғат ёшига етмаган фарзандларни англатади. Олдинги оятларда бировнинг уйига кириш учун албатта изн сўраш лозимлиги айтилган эди. Ушбу ояти каримада эса уй ичидагиларнинг ҳам бир-бирларининг олдига кириш учун изн сўрашлари кераклиги ҳақида гап юритилмоқда. Ислом одобига кўра, эр-хотин, катталар турган хонага эрта тонгда, туш пайтида ва уйқуга ётиш вақти яқинлашганда бошқаларнинг, ҳатто болаларнинг, хизматчиларнинг киришлари ман қилинган. Чунки бу пайтларда улар истироҳат учун ёки ётишга тайёргарлик кўриб, кийимларини ечган ёки ич кийимларда қолган бўлишлари мумкин. Шунинг учун болаларга ёшлигидан катталарнинг ва бошқа жинсдагиларнинг олдига ижозат сўрамай киришнинг мумкин эмаслиги ҳақида тушунтириб бориш лозим.
Ибн Аббос розияллоху анхумо айтади: “Пешин вақтида Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам ансорлардан Мадлаж ибн Амр исмли болани Умар ибн Хаттоб розияллоху анхуни чақириб келиш учун юбордилар. Бола Умарнинг олдига кириб, Умар унинг кўришини ёқтирмаган ҳолатда эканини кўриб қолди. Шунда Умар: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ бизга изн сўраш ҳолатини кўрсатиб, Ўз буйруқларини беришини хоҳлардим”, деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”. Муқотил айтади: “Бу оят Асмо бинти Марсад ҳақида нозил бўлган. Унинг катта ёшли хизматчиси бор эди. Ғулом Асмонинг олдига у ёқтирмаган вақтда кирди. Шунда Асмо Расулуллоҳга бориб: “Хизматчи-ғуломларимиз биз ёқтирмайдиган ҳолатимизда олдимизга киришяпти”, деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.

59. Ёш болаларингиз балоғатга етишса, улардан олдингилар изн сўраганидек изн сўрасинлар. Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилади. Аллоҳ билувчидир, ҳакимдир.
Балоғатга етмаган ёш болалар ота-оналарининг, катталарнинг хузурига изнсиз бемалол кириб-чиқиб юришлари мумкин. Аммо улар балоғатга етишганидан кейин ўзларидан олдинги катталар каби уларнинг хузурига изн сўраб киришга одатлантириш керак бўлади.
Ривоят қилинишича, саҳобаи киромлардан бири ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, онам қариб қолган, мен унинг хизматини қилиб тураман, ҳар кирганимда рухсат сўрашим керакми?” деганида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима, бўлмаса, онангни кийимсиз ҳолда кўрмоқчимисан?!” деганлар. Айнан шу мулоҳаза туфайли балоғатга етган болалар бир оила аъзолари бўлса ҳам, бир-бирларининг ҳузурларига киришдан олдин изн сўрашлари жорий қилинган.

60. Аёллардан ўтириб қолган, никоҳдан умид қилмайдиганларига зийнатларини кўз-кўз қилмаган ҳолда кийимларини ечиб қўйишларида гуноҳ йўқдир. Иффатларини сақлашса, ўзлари учун яхшидир. Аллоҳ эшитувчидир, билувчидир.
Ушбу оятдаги “ўтириб қолган” жумласидан ўта кексайиб, уйда ўтириб қолган аёллар, «кийимлари» сўзидан эса бошқа кийимлар устидан кийиладиган устки кийим-ридо тушунилади. Оятдан маълум бўладики, ўта қариб ўтириб қолган ёки никоҳланиб-турмушга чиқишдан ҳеч бир умиди қолмаган аёллар зийнатларини, авратларини кўрсатмаган ҳолда уст кийимларини ечиб қўйишларида гуноҳ йўқ экан. Аёл киши ўта қариб, никоҳдан умуман умидсиз бўлиб қолганида ёшлар каби ўраниб-чирманиб юрмаслигига рухсат бор. Лекин шундай бўлса ҳам, иффатларини сақлаганлари ўзлари учун яхшидир. Аммо воқеъликда бунинг аксини кўриш мумкин: қари аёллар ўраниб-чирманиб юришса, ёшлар очилиб-сочилиб юришади. Бу эса шариат қонун-қоидаларига риоя қилмасликнинг бир кўринишидир.

61. Кўзи ожизга танглик йўқ ва чўлоққа ҳам танглик йўқ. Ва беморга ҳам танглик йўқ. (Эй мўминлар), ўз уйларингиздан, ё оталарингизнинг уйларидан, ё оналарингизнинг уйларидан, ё ака-укаларингизнинг уйларидан, ё опа-сингилларингизнинг уйларидан, ё амакиларингизнинг уйларидан, ё аммаларингизнинг уйларидан, ё тоғаларингизнинг уйларидан, ё холаларингизнинг уйларидан, ё сизлар калитига эга бўлган уйлардан ёки дўстингизнинг уйидан (изнсиз) таомланишингизда сизларга (танглик йўқ). Сизларга жамланган ёки тарқоқ ҳолда овқатланишингизда ҳам танглик йўқ. Уйларга кирганингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак саломни айтинглар. Сизлар ақл юритишинглар учун Аллоҳ сизларга оятларини ана шундай баён қилади.
Ушбу ояти кариманинг бошида кўзи ожиз, чўлоқ ва бемор кишиларга нимада танглик бўлмаслиги, яъни уларга бу ишда гуноҳ бўлмаслиги баён қилинган бўлиб, бу ҳақда муфассирлар ихтилоф қилишган. Уларнинг бир гуруҳи «Уларнинг жиҳод ёки ғазотга чиқмай қолишларида гуноҳ ва танглик йўқ», дейишса, бошқалари «Узрли кишиларнинг жиҳодга чиқмай қолишлари гуноҳ эмаслиги, бунда уларга ҳеч қандай танглик йўқлиги Фатҳ ва Бароат (Тавба) сураларида баён этилган, бу ерда эса сўз жиҳод ҳақида эмас, балки айнан таом ейиш ҳақида кетмоқда, шунинг учун ҳам бу жумлани «таом ейишда уларга гуноҳ ва танглик йўқ» деб тушуниш керак», дейишади ва фикрларини тасдиқловчи ривоятларни келтиришади. Иккинчи гуруҳ муфассирларнинг фикрлари кучлироқдир.
Мазкур ояти каримада кишининг кимларнинг уйидан изн сўрамай, таклифни кутмай бемалол овқатланиши мумкинлиги баён этиб берилмоқда. Одамлар ўзларининг уйларидан, ё оталарининг уйларидан, ё оналарининг уйларидан, ё ака-укаларининг уйларидан, ё опа-сингилларининг уйларидан, ё амакиларининг уйларидан, ё аммаларининг уйларидан, ё тоғаларининг уйларидан, ё холаларининг уйларидан, ё калити ишониб топшириб кетилган уйлардан, ё дўстининг уйидан изн сўрамай, уй эгаларининг таклифини кутиб ўтирмай у ердаги таомлардан бемалол истеъмол қилишлари мумкин. Бунда ҳеч қандай гуноҳ, танглик бўлмайди.
Шу ўринда шундай савол туғилиши мумкин: нега бу рўйхатда ўғилларимизнинг уйлари тилга олинмаган? Уламолар «Оятда ўғиллар зикр қилинмагани боланинг уйи - отасининг уйи экани эътиборидандир», дейишган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир кишига: «Сен ҳам, молу мулкинг ҳам отангникидир», деганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан Зуҳрий қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жиҳодга жўнаб кетаётган мусулмонлар уйларининг калитларини ўзлари билган кишиларга топшириб, «Ҳожатингиз тушганда ейишни сизга ҳалол қилдик» деб кетишар экан. Аммо калитни олиб қолганлар “бу гап қуруқ манзират бўлса керак” деб, у ерда таомланишдан ўзларини тийишар экан. Ушбу оят билан Аллоҳ ҳам уларга изн берган.
Қадимда айрим араб қабилалари бир жойга тўпланиб, кўпчилик бўлиб таом ейишни ёмон кўришар эди. Кинона каби қабилалар эса, таомни ёлғиз ейишни гуноҳ ҳисоблар эди. Шунингдек, ансорийлар-да ҳам меҳмони бор одам меҳмонсиз таомга қўл урмас эди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳар ким ўз хоҳишича, хоҳ жам бўлиб, хоҳ ёлғиз ҳолда еявериши мумкинлигини, бунда ҳам ҳеч бир гуноҳ, танглик йўқлигини баён қилиб берди. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида жам бўлиб таом ейиш фазилат экани айтилган. Аҳмад ибн Ҳанбал қуйидаги ҳадисни ривоят қилади: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Биз таом еймиз-у, қорнимиз тўймайди”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эҳтимол, якка-якка бўлиб ерсизлар. Таомни жам бўлиб ва Аллоҳнинг исмини зикр қилиб енглар, ўшанда баракали бўлади”, дедилар». Ибн Можа Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жам бўлиб енглар, тарқоқ бўлманглар, жамоатда баракот бордир», деганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Аллоҳ таоло “Молларингизни ораларингизда ботил йўл билан еманглар” оятини нозил қилгач, мусулмонлар касаллар, кўзи ожизлар, ногиронлар билан бирга овқатланишдан тийилишди. “Аллоҳ таоло молни ботил йўл билан ейишдан қайтарган, молнинг афзали таом-овқатдир. Кўр одам таомнинг яхши жойини кўра олмайди. Касал киши эса таомга иштаҳаси бўлмай, ея олмайди”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Саъид ибн Жубайр ва Заҳҳок шундай дейишган: “Чўлоқ ва кўзи ожиз одамлар соғлом одамлар билан бирга овқат ейишдан тийилишарди. Чунки одамлар улардан жирканишар ва бирга овқатланишни ёқтиришмасди. Мадина аҳолиси ҳам жирканганларидан таомларига кўр, чўлоқ ва касал кишиларни яқинлаштиришмасди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Ибн Шиҳоб айтади: “Саъид ибн Мусайяб ушбу оят ҳақида шуларни гапириб юрарди: “Одамлар агар Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга бирор ёққа чиқишса уйларининг калитларини кўрларга, чўлоқларга ва касалларга ёки қариндошларига ташлаб кетишар ва: “Агар муҳтож бўлсанглар, уйимиздаги нарсалардан еяверинглар”, дейишарди. Улар эса ундан ейишдан тийилишар ва: “Ўзлари шу нарсани чин юракдан хоҳлашяптими ёки йўқми?” дейишар эди.
Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”. Шу оятдаги Аллоҳнинг: “...жамланган ёки тарқоқ ҳолда овқатланишингизда сизларга гуноҳ йўқдир” сўзи ҳақида Қатода ва Заҳҳок шундай дейишган: “Бу оят Кинона қабиласидан Бану Лайс ибн Амр уруғи ҳақида нозил бўлган. Улар якка ҳолда овқатланишмас, бундан кўнгиллари хижил бўларди. Кўпинча бир киши овқатланмоқчи бўлса, ҳатто эрталабдан кечгача таом олдида бирор киши келишини кутиб ўтирарди. Агар ҳеч кимни тополмасагина ўзи ерди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Бундан ташқари ушбу оятда таом ейиш учун ёки бошқа мақсадлар билан уйларга кириш одоби баён қилинмоқда. Ушбу оятда мўмин киши бир уйга кирганда, гарчи у ерда одам бўлсаю ё ҳеч ким бўлмаса ҳам “Ассаламу алайкум” деб салом бериб киради. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро муҳаббат қўймагунингизча мўмин бўлмайсиз. Ўзаро муҳаббат қўйишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. «Орангизда саломни ёйинглар», дедилар». Ушбу оят ва ҳадислар Исломда саломнинг қанчалик муҳимлигини, жамиятда саломни ёйишга ҳаракат қилиш лозим эканини англатади. Мўминларнинг ўз оила аъзолари билан, қариндош-уруғлари ва ёру биродарлари билан бўладиган муносабатлари баён қилиб бўлинганидан кейин энди уларнинг Расули акрам соллалоҳу алайҳи васаллам билан бўладиган муомалалари ҳақида сўз кетади:

62. Мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирганлардир. Улар у билан бирор умумий иш устида бўлишганида ундан изн сўрамагунча кетиб қолишмайди. (Эй Муҳаммад), фақат сиздан изн сўрайдиганлар - айнан ўшаларгина Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирадиганлардир. Улар баъзи ишлари учун сиздан изн сўрашса, улардан хоҳлаганингизга изн беринг ва Аллоҳдан уларга мағфират сўранг. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчидир, раҳмлидир.
Олдинги ояти карималар каби ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни Исломнинг юксак ахлоқ-одобига йўлламоқда. Юқоридаги оятларда бирор жойга киришдан олдин изн сўрашга амр қилинган бўлса, энди одамлар тўпланган жой ва издиҳомлардан кетишдан олдин ҳам изн сўраш кераклиги таъкидланмоқда. Хусусан, бирор иш устида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳозир бўлсалар ва бу мусулмонлар оммасига тегишли муҳим жамоат иши бўлса, бу ҳолатда мўмин киши умумий тартиб-қоидаларга бўйсуниши, у ернинг раҳбаридан изн сўрамай тарк этмаслиги лозим.
Ушбу оятда зикр этилган воқеалар Хандақ ғазоти пайтида содир бўлган. Ҳижратнинг 5 (милодий 627) йили Макка мушриклари Абу Суфён бошчилигида Мадинани қамал қилиб, мусулмонларга қарши ўн мингли қўшин билан жангга киришади. 3000 кишилик Ислом жангчилари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошчиликларида уларга қарши чиқишади. Мадина ташқарисига саҳобий Салмон Форсий таклифи билан ҳимоя хандақ(чуқур)лари кавлашади. Уч ҳафталик қамалдан сўнг Абу Суфён қўшинлари Мадинани ололмай орқага чекинади, жанг мусулмонлар ғалабаси билан тугайди. Шунинг учун бу «Хандақ ғазоти» деб ном олади. Душман лашкарлари турли қабилалардан ташкил топгани учун Хандақ ғазотига «Аҳзоб ғазоти» номи ҳам берилган.
Ибн Исҳоқнинг ривоят қилишича, ушбу оятлар нозил бўлишига Хандақ урушига тайёргарлик кўриш пайтидаги ҳодисалар сабаб бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли гуруҳларнинг бирлашиб, бостириб келаётганини эшитганларидан сўнг мусулмонларни тўплаб, Салмон Форсийнинг маслаҳатлари билан Мадинаи мунаввара атрофига хандақ қазитишни бошладилар. Мусулмонларни бу ишга даъват қилиш учун хандақ қазишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам жон куйдириб ишладилар, бошқа саҳобалар ҳам у зот билан бирга астойдил ишлашди. Бундай ўта қалтис пайтда ҳамма зўр ихлос билан чуқур қазиди. Ибн Исҳоқ айтади: “Менга Салмон Форсий шундай сўзлаб берди: “Мен хандақнинг бир тарафида ишлаётганимда катта харсанг тошга дуч келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга яқин жойда эдилар. Ўша харсанг тошни ураётганимни, унинг қаттиқлигини кўриб, у зот хандаққа тушдилар-да, қўлимдан бозғонни олиб, у билан шундай урдиларки, бозғон тагида ўт чақнади. Сўнг яна бир зарб урдилар, яна ўт чақнади. Сўнгра учинчи бор урган эдилар, яна ўт чақнади. Шунда мен: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули, сиз зарба бераётган вақтда бозғоннинг тагида чақнаган нарса нима?” деб сўрадим. У зот: “Эй Салмон, сен уни кўрдингми?” дедилар. Мен: “Ҳа”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биринчи бор урганимда Аллоҳ менга Яман ерларини фатҳ қилиб берди. Иккинчи бор урганимда Шом ерларини ва Мағрибни, учинчи мартада эса менга Машриқ диёрларини очди”, дедилар”.
Аммо бу муҳим ишда мунофиқлар дангасалик қилиб, ундан бош тортдилар. Улар ҳолатларини заиф қилиб кўрсатиб, умумхалқ ишидан ўзларини четга олишди. Аста-секин беркиниб, уйларига қочиб кета бошлашди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яширинча, бир оғиз изн сўрамай жўнаб қолдилар. Аммо ихлосли мўмин-мусулмонлар бирор ишлари чиқиб қолса, албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узрларини айтиб, изн сўрашар, ишларини битириб бўлгандан кейин эса дарҳол иш жойларига қайтиб келишар эди. Мўмин-мусулмонлар бошқа ҳолатларда ҳам худди шундай қилар эдилар. Ҳатто жума хутбаси ўқилаётганда ҳам ташқарига чиқиб келишга ҳожатлари тушса, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан ишора билан изн сўрашар эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ишора билан уларга изн берар эдилар. Ислом жамиятида доимо шундай бўлиши керак. Жамоат ишларидан фақат бошлиқнинг изни билангина кетиш мумкин. Ҳожатини раво қилганидан кейин эса дарҳол қайтиб келиб, яна ишини давом эттириш лозим.

63. Пайғамбарни чақиришни ораларингиздаги бир-бирларингизни чақириш каби қилманглар. Сизлардан яширинган ҳолларида суғурилиб чиқиб кетадиганларни Аллоҳ яхши билади. Унинг амрига зид иш тутадиганлар ўзларига бирор фитна етишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан эҳтиёт бўлсинлар.
Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласи ҳақида уламолар уч хил фикр айтишган бўлиб, учала фикр ҳам бир-бирини тўлдириб келади. Биринчи фикрга кўра, ушбу жумла «Пайғамбарни чақиришда бир-бирингизни чақиришингиздаги лафзларни қўлламанг» деган маънодадир. Чунки ўша вақтда баъзи одамлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга «Эй Муҳаммад! Эй Абул Қосим!» деб, худди ўз тенгқурини чақиргандек муомала қилишар эди. Бу оятдан кейин эса «Эй Аллоҳнинг Расули, эй Аллоҳнинг Набийси!» деб мурожаат қиладиган бўлишди. Иккинчи фикрга кўра, ушбу жумланинг маъноси «Пайғамбарнинг чақириғини, буйруғини бошқаларнинг чақириғи каби оддий қабул қилманглар, балки алоҳида аҳамият ва эътибор билан қабул қилинглар», деган фикрни англатади. Учинчи фикрга кўра эса, жумланинг маъноси «Пайғамбарнинг дуосини бошқаларнинг дуосига ўхшатманглар», деганидир. У зот алайҳиссалом дуоларининг қабул бўлиши муқаррардир.
Шундан кейин оятда мунофиқларнинг асл башаралари очиб ташланади. Улар ҳамма ишлаб турганини кўриб ҳам бу умум ишидан қочиш пайида бўлишади. Улар турли баҳоналарни рўкач қилиб, атрофдагиларга сездирмай, ишга бош бўлиб турган Пайғамбардан изн ҳам сўрамай иш жойидан секин суғурилиб чиқиб кетишади. Мўмин-мусулмонларга ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўринмасликка ҳаракат қилиб, яшириниб чиққанлари билан Аллоҳ таоло уларнинг ҳамма ишларини кўриб-билиб туради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларига зид йўл тутиб, хилоф қилганларга албатта фитна-синов ёки аламли азоб етиши аниқ. Чунки барча ишлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига мувофиқ бўлиши лозим, бунга хилоф бўлган иш эса рад этилгандир. Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизнинг амримиздан бўлмаган ишни қилган одамнинг иши мардуддир», деганлар.

64. Огоҳ бўлингларки, осмонлар ва Ердаги ҳамма нарса албатта Аллоҳникидир. У сизларнинг қай ҳолатда эканингизни яхши билади. Унинг Ўзига қайтариладиган Кунда эса улар қилган амалларининг хабарини беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир.
Ушбу ояти карима орқали бандаларга хитоб қилиняптики, «Эй инсонлар, огоҳ бўлингларки, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари амридан чиқманглар, Аллоҳ ва Пайғамбарининг айтганларига хилоф иш қилманглар. Акс ҳолда ўзларингизга қийин бўлади, Унинг азобига гирифтор бўласизлар. Унинг итобидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайсизлар. Агар ер қаърига кириб яширинмоқчи бўлсанглар ҳам Ер Аллоҳникидир. Осмонларга чиқиб қочмоқчи бўлсанглар ҳам осмонлар Аллоҳникидир. Осмонлар ва Ер орасидаги ҳамма нарса, борлиқдаги барча мавжудотлар ҳам Аллоҳникидир ва ҳеч бир нарса Унинг амрига қарши чиқа олмайди. Ҳақиқат шу бўлгач, Ундан қочиб яширинишнинг мутлақо иложи бўлмагач, осийлик-ни, итоатсизликни бас қилинг! Аллоҳ ва Унинг Расули амрлари ва кўрсатмаларидан бўйин товламанг, ана шу амрларга итоат қилинг ва икки дунё саодатини қўлга киритинг. Шундагина Аллоҳнинг ҳузурига қайтиладиган қиёмат кунида ҳисоб-китобда ҳасратда қолмайсиз, унинг жазосидан омонда қоласиз. Аллоҳ азза ва жалла ҳар бир бандасининг қилиб турган ҳар бир амалини, унинг чин мўмин ёки мунофиқ эканини жуда яхши билади ва бандалар Унинг Ўзига қайтариладиган Кунда ҳаммаларига қилган амалларининг хабарини беради. Чунки У Ўзи яратган барча махлуқотининг ҳамма феъл ва амалларини яхши билувчи Зотдир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига имон келтирмаган бўлса, албатта Биз кофирлар учун дўзахни тайёрлаб кўйганмиз. Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга хосдир. У хоҳлаганини мағфират қилади, хоҳлаганини азоблайди. Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмлидир” (Фатҳ, 13-14).

Орқага Олдинга