Маккада нозил бўлган, 118 оятдан иборат
«Муъминун» сўзи луғатда «мўминлар» деган маънони билдиради, Қуръони каримнинг йигирма учинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 118 оятдан иборат. Сурада Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигига, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга имон келтирган мўминларнинг Фирдавс боғларига меросхўр бўлишлари учун қайси амалларни қилиб, қайсиларидан тийилишлари ҳақида сўз боргани учун у «Мўминлар» деб ном олган. Суранинг меҳвари асосан бу дунёдаги ҳаёт инсоннинг узун умр йўлидаги биринчи, нисбатан жуда қисқа босқич экани, охиратдаги абадий ҳаёт учун қайта тирилиш ҳақ экани атрофида айланади.
Ушбу сура ҳам барча маккий суралар каби ақида масалалари, тавҳид, пайғамбарлик, қиёмат, қайта тирилиш, бу дунё ҳаётида қилинган амалга қараб, жазо ёки мукофот олиш каби масалалар билан бирга, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» шаҳодат калимасини айтиб, мўмин бўлган кишиларнинг одоб-ахлоқи қандай бўлиши ҳақида ҳам сўз юритилган. Сура муваффақиятга эришадиган мўминларнинг сифатларини келтириш билан бошланади. Сўнгра инсондаги ва борлиқдаги имонга чорловчи далиллар эслатилади. Инсоннинг пайдо бўлишидан бошлаб, она қорнидаги ривожи, туғилиши, ўсиши ва умрининг охиригача бўлган ҳолати баён қилинади. Кейин эса умум-инсоний ҳаётнинг қиёматгача давом этиш жараёни тилга олинади. Шу билан бирга, имон тақозо этадиган ягона ҳақиқат - «Фақат Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиш»га даъват масаласида ҳам батафсил гапирилади. Худди шу даъватни қилган пайғамбарлардан Нуҳ, Ҳуд, Мусо ва Исо алайҳимуссаломнинг қиссалари келтирилади. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборганида мушриклар у кишини қанчалик қаршилик билан кутиб олганлари баён қилинади, кофирларнинг эътирозларига жавоблар берилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман
1. Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар.
Мўминлар кимлар ва улар бу мақомга қандай эришадилар? Мўминликнинг вазифаси, мақоми осон эмас. Инсон фитрати, табиати ҳамиша роҳат, фароғат, ором истайди. Нафси минг кўйга солади. Ана шуни енга олган одам чинакам мўминдир. Роҳатидан кечиб, нафсини қон қақшатиб қийнаган, меҳнат, машаққат, ибодатларга чидаган кишигина мумтоз қул бўлади. Мусулмонлар ҳам турлича бўлади. Уларнинг бир тоифаси Аллоҳ ва Унинг Расулига доимий итоатда-ибодатда бўлган, амр-фармонлари ва кўрсатмаларидан чекинмайдиган чин мўминлардир. Аллоҳ Ўз ҳикматига кўра куфрни, имонсизликни осон, мўминликни қийин қилиб қўйган. Ислом динига имон келтириш, унинг ақида, шариат, ибодат, ахлоқ, одоб каби асосларига, арконлари ва вожибларига амал қилиш - Аллоҳга бўлган имоннинг шартидир. Ким ушбуни қабул қилса, мусулмондир, уни рад этса, кофир бўлади. Атоқли ўзбек маърифатпарвари Абдурауф Фитратнинг бундай сўзлари бор: “Эътиқодга айланмаган ғоялар, тизимларнинг умри қисқа бўлиб, бугун бўлса, эртага бўлмаслиги мумкин. Инсон Худога, охиратга ишонмаса, диний ғоя унинг эътиқодига айланмайди”.
Юқоридаги оят орқали Аллоҳ таоло мўминларнинг албатта зафар, нажот топишларига очиқ-ойдин, таъкидлаб ваъда бермоқда. Чунки «нажот топдилар» дейилиши нажотнинг аниқлигини билдириб, ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди. Имом Аҳмад, Термизий, Насоийлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлган вақтда у зотнинг юз томонларида асалари овозига ўхшаш овоз чиқар эди. Бир куни шундай бўлди. Бир оз кутдик. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қиблага юзландилар ва икки қўлларини кўтариб: «Аллоҳим! Бизни зиёда қилгин - нуқсонга учратмагин, мукаррам қилгин - хор қилмагин, атолар бергин - маҳрум қилмагин, устун қилгин - остин қилмагин, биздан рози бўлгин - бизни рози қилгин”, дедилар. Сўнгра: “Ҳақиқатан менга ўн оят нозил қилинди. Ким уларни тўлиқ адо этса, жаннатга киради», дедилар-да, «Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар»дан бошлаб ўн оятни охиригача ўқидилар».
2. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир.
“Хушуъ” намозда қўрқув билан умид ва сокинлик орасида туришдир. Мўминларнинг энг афзал сифатларидан бири намозда Аллоҳ таоло ҳузурида турганини қалбдан ҳис этиб, қўрқув ва умид орасида туришлари экан. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ зикр қилинган вақтида қалбига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганида имонлари зиёда бўладиган ва ёлғиз Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир. Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар” (Анфол, 2-3). Имонли кишилар намоз ўқишганида ўзларига ато этиладиган зафардан умид қилган ҳолда Аллоҳдан, Унинг охиратда ҳисобга тортишидан қўрқувда туришади, шунда уларнинг қалблари, вужудлари, ҳаракату саканотларини қўрқинч ва сокинлик ўраб олади. Ояти каримадан шундай хулоса чиқариладики, намозни хушуъ билан ўқимайдиган, қалбида, вужудида, ҳаракату саканотида Аллоҳдан ҳайиқиш, қўрқув, илинж ёғилиб турмайдиган одам намоздаги ҳолатини ўйлаб кўрсин, ўзини тез ўнглаб олсин. “Улар намозларида хушуъ қилувчилардир” ояти ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида (бошларини кўтариб), кўзларини осмонга қаратар эдилар. Ушбу оят нозил бўлгач, назарларини пастлатдилар”.
Хотамул Асом айтади: “Мўмин фикр ва ибодат билан машғул, мунофиқ ҳирс ва орзу-ҳавас билан. Мўмин Аллоҳдан ўзгасидан ноумид, мунофиқ Аллоҳдан ўзгасидан умидвор. Мўмин фақат Аллоҳдан қўрқса, мунофиқ Аллоҳдан бошқа ҳаммадан қўрқади. Мўмин диним деб молидан кечса, мунофиқ молим деб динидан кечади. Мўмин яхши амаллар қилади ва йиғлайди. Мунофиқ ёмонликлар қилади ва кулади. Мўмин хилвату ёлғизликка интилади. Мунофиқ йиғинлару издиҳомларга ўзини уради. Мўмин экади ва ҳосилнинг фасодидан хавфда. Мунофиқ экинни қуритади ва ҳосилдан умид қилади”.
3. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир.
Беҳуда сўз, бефойда амал, иш, беҳуда тафаккур, беҳуда ҳис-туйғу, умуман, фойдаси бўлмаган ҳар бир нарса учун мўмин кишининг қалбида жой бўлмаслиги керак. Чунки мўмин инсоннинг қалби имон билан, Аллоҳнинг муҳаббати, зикри, фикри ва Аллоҳнинг амр-наҳйиларини тафаккур этиш билан банд бўлади. Оддийгина бефойда сўз айтишнинг қанчалаб зарарлари бор. Ҳозирда қанча-қанча вақтни бефойда сўзлар билан валақлашиб совуриш, йиғинларда икки оғиз сўз билан англатса бўладиган мақсадни соатлаб тушунтириш одат тусига кирди. Ҳатто илм суҳбатлари ҳам ортиқча гап-сўзлар ҳисобига олдинги файзини йўқотмоқда. Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда сўзларни айтишдан қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин» деганлар (Бухорий ривояти). Бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш тил офатларидандир. Агар ақл кишиларнинг гап-сўзи миқдорига кўра ўлчанганида эди, одамларнинг энг ақллиси уларнинг энг сергаплари бўлар эди. Илк мусулмонлар-да тортишув кам, амал кўп бўларди. Улар сўзга бахил, молга сахий эдилар. Кейингиларда эса тортишув кўп, амал оз бўлди, сўзга сахий, молга бахилга айланишди. Худди шу каби бефойда амаллар, беҳуда хаёллар, беҳуда орзулар ҳам мўмин кишига хос бўлмаган нарсадир.
4. Улар закотни адо қилувчилардир.
Мўминлар вужудлари, ибодатлари ва қалбларини поклаганлар каби молларини ҳам поклаб юришади. Молни поклаш эса унинг закотини чиқариш, ҳақдорларга бериш билан адо қилинади. Закот берган кишининг моли покланади, закот бермаган кишининг моли ичида закотга ҳақдорларнинг моли ҳам аралашгани учун нопок бўлиб туради. Закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот Мадинаи мунавварада иккинчи ҳижрий санада Рамазондан олдин фарз қилинган. Закот Қуръони каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга зикр этилган. Бу эса ўз навбатида намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ нарсалар эканини кўрсатади. Аллоҳ таоло айтади: «Ва намозни қоим қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат килинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз» (Нур, 56). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Молингнинг закотини адо қилган бўлсанг, ҳақиқатан зиммангдагини бажарибсан», деганлар» (Термизий ривояти). Саҳобаи киромлар закотни бермаганларга, уни инкор қилганларга қарши иттифоқлик билан уруш қилишган. Ким закотнинг фарзлигини инкор қилса, кофир бўлади, у уч марта тавба қилишга чақирилади. Тавба қилса - қилди, акс ҳолда унга нисбатан “муртад” деган ҳукм чиқарилади. Исломга янги киргани туфайли ёки чет жойларда жоҳил бўлиб ўсгани учун закотнинг фарзлигини инкор қилган одамга эса тушунтирилади ва ўргатилади, дарҳол кофир деб ҳукм қилинмайди. Закот масаласи фақат Аллоҳ таолонинг ягона Ўзига хос ишдир. Ким Аллоҳнинг таълимоти билан иш кўрса, ниятига етади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дини - Исломда иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш йўлларидан бири закот асосида бўлиши кераклигини кўрсатиб қўйган. Бугунги кун тили билан айтганимизда, закот иқтисоднинг асосларидан бири қилиб олинса, сўнгра унга бошқа исломий-иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий масала ўз ечимини осонгина топган бўлади. Закот - имкони бор бўлган мусулмон одамга Аллоҳ томонидан амр қилинган муқаддас бурчдир. Мусулмон одам закотга амал қилар экан, иқтисодий муомалага эмас, илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодат қилади. Шаръий рукнлар тартибида закот имон ва намоздан кейин, рўзадан олдин, учинчи ўринда туради. Исломда закот орқали мол тўплаб, хазинани тўлдириш кўзда тутилмаган. Шунингдек, фақир, бева-бечораларга молиявий ёрдам маъноси ҳам кўзда тутилмаган. Булар закотни татбиқ қилишнинг самараси бўлиши мумкин. Закотдан асосий мақсад, инсонни молу дунёдан устун қўйиш, яъни инсон мол-дунёнинг қули эмас, мол-дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир.
5. Улар фаржларини сақловчилардир.
Мўмин кишилар фаржларини, яъни жинсий аъзоларини фаҳш ишлардан сақлайдилар. Зинодан ва ҳаром саналган бошқа жинсий алоқалардан фаржини сақлаш мўмин-мусулмонликнинг белгиларидандир. Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг ҳадисларидан маълумки, ҳар бир одам боласи соф фитрат билан, яъни мусулмон бўлиб туғилади. Инсоннинг соф фитрати, шайтон васвасаси билан бузилмаган табиати эса ҳар қандай қинғир ишлар, ҳаром-хариш нарсалардан, хусусан, зинодан ҳам хазар қилади. Бинобарин, зинонинг ҳар қандай кўринишидан сақланиш мўмин-мусулмон эркагу аёлларнинг энг муҳим сифатларидандир. Саҳл розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоху алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг (жинсий аъзосининг) ва икки жағи орасидаги нарсанинг (тилининг) кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», деганлар» (Бухорий ва Термизий ривояти).
Фаржини гуноҳ ишлардан сақламаслик туфайли динимизда қаттиқ қораланган зино, фоҳишабозлик каби иллатлар юзага келади. Зинонинг гуноҳлиги, зарарлари ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилиши, зинокорлар ва уларнинг ҳомийларига қарши жиддий қонунлар ишлаб чиқилиши, ёшларнинг бу соҳадаги тарбиясини яхшилаш лозим. Зинокорлик - хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, зинокорни мўминлик даражасидан чиқаради. Ҳадиси шарифда «Зино қилаётган зинокор мўмин бўла олмайди», дейилган. Чунки бундай иш билан шуғулланганлар ҳам ўзининг ҳақига, ҳам бошқаларнинг ҳақига хиёнат киладиган, жамиятнинг бузилишига, никоҳсиз болалар туғилишига, оилаларнинг пароканда бўлишига сабабчи одамлардир. Бунинг устига бу иш билан шуғулланувчи кишилар турли юқумли касалликларга дучор бўлишади, бошқаларни ҳам шундай касалликка гирифтор қилишади. Оқибатда жамиятда касалманд одамлар, хиёнат, ҳаром-хариш кўпаяди. Бундай жамият эса ниҳоятда ёмон жамиятга айланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Қайси бир жамиятда зино тарқалса, Аллоҳ субҳанаху ва таоло ўша жамиятни ота-боболари эшитмаган ва кўрмаган турли касалликларга мубтало қилади», деганлар. Ана шундай нарса тарқалиб кетгани сабабли ота-бобомиз кўрмаган, ҳеч ким эшитмаган, номини билмаган, қанақа бўлишини тушунмаган касалликлар тарқаляпти.
Шу билан бирга, Ислом зинога олиб борадиган барча йўлларни беркитади. Мисол учун, аёлларни очиқ-сочиқ ҳолда юриб, жамоли ва қомати билан эркакларнинг шаҳватини қўзғатмасликка буюради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар бир номаҳрам эркак ва хотин ёлғиз қолсалар, учинчилари шайтон бўлади», деганлар. Яъни шайтон уларни йўлдан уриб, зинога бошлаши мумкин. Шунингдек, Исломда эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарашлари ҳаром қилинган. Бинобарин, фаҳш гап-сўзлар, сурат ва тасвирлар ҳам ман этилгандир. Демак, барчамиз бу ёмон иллатдан узоқда бўлишимиз, бунга қарши мунтазам кураш олиб боришимиз лозим. Мўмина аёллар ҳам кўзларини номаҳрам эркаклардан тийишлари, фаржларини сақлашлари ва авратларини номаҳрам назарлардан беркитиб юришлари лозим. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларнинг олдига киришдан ҳазир бўлинг!», дедилар. Шунда бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг қариндошига нима дейсиз?» деди. «Эрнинг қариндоши ўлимдир», дедилар у зот» (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).
6. Ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлар мустасно. Улар маломат қилинувчи эмаслар.
Мўмин кишилар ўз қалблари, вужудлари, ибодатлари, сўзлари, ишлари ва молларини покиза тутганлари каби жинсий ҳаётларини ҳам пок юритадилар. Бу эса ўз навбатида, инсоннинг руҳи, оиласи ва жамияти поклигига далолат қилади. Мўмин кишилар фақат ўз жуфти ҳалоллари билангина жинсий алоқа қиладилар. Бошқа барча ношаръий ҳолатлардаги жинсий алоқалар мўминлар учун ҳаромдир. Мана шундай қилишгандагина, яъни ҳаром ишлардан тийилишгандагина инсон насли пок бўлади. Зинодан сақланиш мўминларни нажотга элтувчи мазкур асосий сифатлардан биридир. Аввалда билмай қилган ишлари учун мўминлар маломат қилинмайдилар. Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр этилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз хотининг ва чўрингдан бошқасидан авратингни беркит”, дедилар. Бир сўровчи: “Эй Аллоҳнинг Расули, агар бир киши ўзи холи бўлса-чи?” деб сўради. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таборака ва таоло Ўзидан ҳаё қилинмоққа ҳақлироқдир”, дедилар».
7. Ким шундан бошқани истаса, ана ўшалар тажовузкорлардир.
Яъни, ким ўз жуфти ҳалолидан бошқа аёл билан жинсий яқинлик қилишни истаса ёки шуни амалга оширса, тажовузкор бўлади, ҳаддидан ошган бўлади, қаттиқ гуноҳ қилган бўлади. Жинсий майлини нопок, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ўзлари ва ўзгаларнинг бошига, бутун инсоният бошига турли бало-офатларнинг келишига, жамиятнинг ахлоқан таназзулга учрашига сабаб бўладилар. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, ҳалол-пок йўл билан оила қуришга ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда, у зотнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган ҳисобланади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради».
8. Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилувчилардир.
Мўминлар ҳамиша ўзлари билан Аллоҳ таоло орасидаги омонатларига ва аҳдларига ҳам, ўзлари билан бошқа мўминлар, ҳатто бошқа диндагилар орасидаги омонат ва аҳдларга ҳам риоя қиладилар. Ушбу сифатни ўзида мужассам қилган мўмингина зафарга эришиш учун зарур сифатлардан бирига эга бўлади. Инсоний фазилатлар орасида ўта муҳим бир хислат борки, бу ҳам бўлса омонатдорлик, омонатга хиёнат қилмасликдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўта омонатдор, амин бўлганлар ва умматларини ҳам шунга чақирганлар. Омонатдорлик Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳим сифатларидан бўлган. Ҳатто буни маккалик мушриклар ҳам эътироф этиб, у зотни “ас-содиқул амин” (тўғрисўз ва омонатдор) деб аташарди. Қуръони каримда омонатни эгаларига етказиш, берилган омонатга хиёнат қилмаслик ҳамда аҳд ва омонатларга вафо қилиш ҳақида ўнлаб ояти карималар зикр қилинганки, бу нарса омонатдорликнинг ўта муҳимлигидан далолат беради. Одамларнинг бир-бирларига омонати уларнинг ҳақларга риоя этишларидир. Барча жамиятларда кенг тарқалган иллатлардан бири омонатларни эгаларига қайтармаслик, омонатга хиёнат қилиш, одамлар ўртасида ҳукм юритганда адолат билан иш тутмаслик, берилган аҳдномаларга вафо қилмасликдир. Қуръони карим мўминларнинг сифатларини баён қилар экан, “Ва улар омонатларга ва аҳдларига вафо қилишади” (Маориж, 32), дейди. Яъни, омонатдорлик, омонатга хиёнат қилмаслик ва аҳдга вафо мўмин кишининг энг яхши фазилатларидандир. Зажжож айтади: «Аллоҳ буюрган ва қайтарган барча нарсалар аҳддандир». Аксинча, омонатга хиёнат қилувчи одам имонсиз, аҳдига вафо қилмайдиган кимса эса динсиздир.
Омонат нима? Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Омонатлар - Аллоҳ омонат қилиб берган амаллар, яъни фарзлардир», деган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бизга мурожаат қилсалар: «Омонати йўқ кишининг имони йўқ, аҳди йўқ кишининг дини йўқ», дердилар (Табароний, Ибн Ҳиббон ривояти). Калбий бундай дейди: «Аллоҳ ва Унинг Расулига хиёнат қилиш уларга осийлиқцир. Ҳар бир инсон Аллоҳ фарз қилган ишларда омонатдордир, хоҳласа хиёнат қилади, хоҳласа адо қилади, буни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди». Гуноҳларнинг энг улкани Аллоҳга ва Унинг Расулига хиёнат қилишдир. Бундан кейинги оғир гуноҳ эса мўминларнинг бир-бирларининг омонатларига хиёнат қилишларидир. «Аллоҳга ва Унинг Расулига хиёнат қилиш» деганда Аллоҳнинг ва Пайғамбарининг ҳукм-кўрсатмаларига қарши иш тутиш ёки ўлжа молларини ўғирлашдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом аҳдга вафо қилиш, омонатдорликда мусулмонларга чинакамига ибрат бўлганлар ва умматни ҳамиша омонатдорликка чорлаганлар. Буни у зотдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам исботлаб турибди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “Сизга ишонганга омонатини топширинг. Сизга хиёнат қилганга хиёнат қилманг”, деганлар (Аҳмад, Абу Довуд ривояти). Ҳадиси шарифда омонатга хиёнат қилиш мунофиқликнинг аломатларидан бири экани таъкидланган: “Мунофиқликнинг аломати учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса вафо қилмайди. омонат қўйилса, хиёнат этади” (Бухорий ва Муслим ривояти).
9. Улар намозларини асровчилардир.
Мўминларнинг сифатларидан яна бири намозларини ўз вақтида, барча рукнларига амал қилиб, бекаму кўст адо қилишдир. Мўминларнинг зафарга эришиш сифатларининг аввалида намозни хушуъ билан адо этиш келган эди, энди эса ўша сифатларнинг охирида намозни асраш, муҳофаза қилиш - ўз вақтида, бекаму кўст, фарз, вожиб, суннат ва мустаҳабларини жойига қўйиб адо қилиш келмоқда. Зеро, намозни асраш, уни мукаммал адо этиш Ислом дини буюрган фарз амаллардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларда намознинг ниҳоятда муҳимлиги ва фазилати ҳақида жуда кўп зикр қилинган. Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз намозлар орасидаги ҳамда жума намози жумадан-жумагача ўрталарида бўлган гуноҳларга каффоратдир - агар катта (кабира) гуноҳлардан сақланилган бўлса», деганлар (Муслим ривояти). Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий алайҳиссалом йўлларини тўсиб чиқиб: «Жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», деди. У зот: «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан, намозни адо қиласан, закотни берасан, силаи раҳм қиласан», дедилар» (Бухорий ривояти). Муоз ибн Жабал розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: «Мен: «Эй Расулуллоҳ, менга бир амални айтингки, у жаннатга киритсин ва дўзахдан узоқлаштирсин», дедим. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, катта иш ҳақида сўрадинг, аслида бу Аллоҳ осон қилганга осондир. Бу - Аллоҳга бандалик қилиш, Унга бирор нарсани шерик этмаслик, намозни адо қилиш, закотни бериш, Рамазон рўзасини тутиш ва ҳаж қилиш», дедилар (Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривояти).
10. Ана ўшалар меросхўрлардир.
Юқоридаги ояти карималарда зикр қилинган сифатлар мўминларни алоҳида ажратиб кўрсатиб турувчи сифатлардир. Мазкур сифатлар уларни зафарга элтади, мўминлик мақомларини юксалтиради, Аллоҳнинг чин ихлосли бандалари сафидан жой олишларига кўмаклашади. Аслида бу дунёда инсоннинг мукаммал саодатга - зафарга эришиши нисбий бўлиб, чин зафар бўлмиш абадий саодатга охиратдагина эришилади. Мазкур сифатларга эга бўлган мўминлар ҳам мартабаларининг ҳақиқийсини охиратда оладилар. Мана шунинг учун ҳам улар Аллоҳ охиратда тайёрлаб қўйган бемисл неъматларга меросхўр бўлишади. Ибн Касир тафсирида келишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин саҳобалар у зотнинг завжаи мутоҳҳаралари Оиша розияллоҳу анҳодан “Пайғамбаримизнинг хулқлари қандай эди?” деб сўрашганида ҳазрати Оиша ушбу суранинг бошидан тўққизинчи оятигача ўқиб, хулқлари худди шу оятларда айтилганидек эди”, деб жавоб берганлар”.
11. Улар Фирдавсни мерос олишади, улар унда мангу қолишади.
Мўминликнинг йўли машаққатли, унинг юки залворли. Аллоҳ таоло мўмин кишини ҳар қадамда, ҳар ишда, ҳар сонияда синовга дуч келтиради. Мушкулотлар, қийноқ-азобларга рўпара қилади. Минглаб тўсиқ-қийинчиликлар билан ўраб ташлайди. Гоҳида бир лаҳзада яқинларидан айириб қўяди. Баъзан бирор хасталик билан синайди ёки қўлга киритган мол-дунёсидан маҳрум қилади. Ёхуд кўзлаган ишларига, орзуларига етказмайди. Аммо ҳақиқий мўмин бу имтиҳонларга сабр билан жавоб қайтаради. Изтироб чекмайди, хафаликдан кўкрагини захга бериб ётмайди. Аллоҳнинг имтиҳонидан сабр-бардош ва шукр билан ўтади. Юқоридаги ўн оятда ана шундай мўминларни жаннатга киритувчи сифатлари баён қилиб берилди. Ана шу зикр қилинган сифатларга эга бўлган мўминлар имонлари ва солиҳ амаллари учун Фирдавс жаннатига ҳақдор бўладилар. Фирдавс жаннатининг фазли ҳақида Пайғамбар алайҳиссаломдан шундай ҳадис бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирса, намозни тўкис адо этса ва Рамазон рўзасини тутса, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қиладими ёки ўз туғилган ерида ўтирадими, уни жаннатга киритиш Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, унда одамларга хушхабар бермайликми?» дейишди. У зот: «Жаннатда юзта даража бор бўлиб, Аллоҳ уларни Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчиларга тайёрлаб қўйган. Ҳар бир даражанинг ораси осмон билан ер орасичадир. Аллоҳдан сўрасангиз, Фирдавсни сўранглар, чунки у жаннатнинг қоқ маркази, жаннатнинг энг олийсидир», дедилар» (Бухорий ривояти). Бошқа бир ривоятда шундай келган: «Менимча, «Унинг тепаси Раҳмоннинг Аршидир. Жаннат анҳорлари ўшандан отилиб чиқади», (ҳам деганлар)».
12. Ҳақиқатан инсонни лойнинг мағзидан яратдик.
Ушбу ояти каримада инсон яратилишининг бошланғич босқичи ҳақида сўз кетмоқда. Оятдаги «сулола» сўзи бир нарсадан аста-секин, мулойимлик билан суғуриб олинган нарсани англатади. Демак, инсон Аллоҳ таоло томонидан лойдан суғуриб олинган, яъни уни лойнинг мағзидан яратган. Инсон яралишининг бошланиш нуқтаси айнан лойга бориб тақалади. Айрим нохолис тадқиқотчиларнинг даъвосича, Аллоҳ таоло “бир парча лойни олиб, эзғилаб, инсон шаклини ясаб, унга пуфлаб ва шу тариқа одам тайёр” қабилида одамни бирданига яратган эмас. Инсониятнинг отаси ҳисобланган Одам алайҳиссаломнинг яратилиши Қуръони каримда келтирилган. Унда айтиладики, инсонни яратиш босқичма-босқич, даври билан, узоқ илоҳий вақт ичида содир бўлган. Қуръон одам бевосита лойдан яратилган демайди, балки лойдан чиққаннинг зурриётидан, дейди: “Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга шундай деган эди: “Албатта Мен лойдан бир одам яратувчиман. Демак, қачон уни ростлаб, унга Ўз руҳимдан пуфлаб киргизганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолларингизда йиқилинглар(Сод, 71-72).
13. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик.
Аллоҳ таоло айтяптики, «Инсон жинсининг бошланишини лой мағзидан қилганимиздан кейин ота сулбидан нутфа ҳолида чиқиб, мустаҳкам қароргоҳга, яъни онанинг раҳмига - бачадонга ўрнашади”. Маълум вақт ўтгач, ана шу ҳеч ким дахл қилолмайдиган жойда, бир неча қават парда остига яшириб қўйилган ердаги ҳомилага бирин-кетин суяк, кўз, қулоқ, бурун, қўл-оёқ, қош-киприк ва бошқаларнинг ҳужайралари келиб ўрнашади. Аллоҳнинг қудратини, мўъжиза ва ҳикматини қарангки, бу аъзоларнинг бири ўрнини бошқаси эгаллаб олмайди, кўз қоринга жойлашмайди, оёқ пешонага келиб ўрнашмайди. Ана шу илоҳий жараёнларнинг бирортасига эр ҳам, хотин ҳам, билағон тиббиёт ходимлари ҳам аралаша олмай, фақат томошабин бўлиб тураверадилар. Аллоҳ таоло айтади: «У сизларга (оналарингизнинг) қоринларида бўлган паштшнгизда Ўзи хоҳлаган суратни берган Зотдир» (Оли Имрон, 6).
14. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан музға яратдик, музғадан суяк яратдик, сўнг суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Энг гўзал яратувчи Аллоҳ баракотли, буюкдир.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло одамзоднинг яралиш босқичларини баён этиб берган. Эркакнинг сулбидан (белидан) аёлнинг бачадонига тушган нутфа (маний) маълум вақтдан кейин ўзга бир босқичга ўтиб, алақага айланади. Олдинги тафсирларда “алақа” ибораси “лахта қон, ивиган қон” шаклида таржима қилиб келинган. “Алақа” сўзи барча араб луғатларида қон сўрувчи зулук деган маънони англатган. Ҳозирги илм-фан кашфиётлари даврида Қуръони каримнинг бу ўхшатиши ўз исботини топди, урчиган нутфа зулукка ўхшаб бачадон деворига ёпишганича ундан озиқланиб турар экан. Буни кўрган ҳомилашунос олимлар Қуръони каримнинг яна бир мўъжизаси олдида таслим бўлиб, унинг илоҳий Калом эканига амин бўлдилар. Шундан кейин ҳомила музға (чайналган гўшт) ҳолатига ўтади, сўнгра суякка гўшт қопланиб, тамоман бошқа бир кўриниш олади. Энг гўзал яратувчи Аллоҳ баракотли, буюкдир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай деди: “Тўрт нарсада менинг хоҳишим Роббимнинг иродасига мувофиқ келди. “Эй Аллоҳнинг Расули, Мақомнинг ортида намоз ўқисак бўлмайдими?” деган эдим, Аллоҳ “Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олинглар” оятини нозил қилди. Кейин “Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларингизни ҳижоб-парда ортига олсангиз бўлмайдими? Ҳузурингизга яхши ҳам, ёмон ҳам кириб-чиқади” деган эдим, Аллоҳ таоло “Агар улардан (Пайғамбар аёлларидан) бирор нарса сўрасангиз, ҳижоб-парда ортидан сўранг” оятини нозил қилди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинларига “Ё тийиласизлар, ёки Аллоҳ таоло у зотга сизлардан кўра яхширок, аёлларни алмаштириб беради” деган эдим, Аллоҳ азза ва жалла “Агар у (Пайғамбар) сизларни талоқ қилса, шояд Парвардигорингиз унга сизлардан кўра яхшироқ аёлларни алмаштириб берса” оятини нозил қилди. Тўртинчиси эса, Аллоҳ таолонинг “Ҳакиқатан инсонни лойнинг мағзидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа вилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан музға яратдик, музғадан суяк яратдик, сўнг суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Энг гўзал яратувчи Аллоҳ баракотли, буюкдир” (Муъминун, 12-14) деган сўзи нозил бўлганида “Энг гўзал яратувчи Аллоҳ баракотли, буюкдир” дедим. Шунда Аллоҳ таоло шу гапимни оятнинг охирига қўшиб нозил қилди”.
15. Сўнгра шундан кейин сизлар албатта вафот этасизлар.
Инсон туғилибдими, бир куни албатта унинг вафот этиши бор. Ҳеч ким бу дунёда абадий яшаб қолмайди. Гап дунё ҳаётини қандай яшаб ўтиш, ўлимга, охиратга қай ҳолда тайёргарлик кўришда! Кимдир ўлимни эсдан чиқариб, дунёда айшу ишратдан, лаззат излашдан бўшамайди, охиратдаги ҳисоб-китоб эсига ҳам келмайди. Кимдир ўлим яқинлигини ҳис этиб, ҳаётини солиҳ амаллар, эзгу ишлар билан бойитишга интилади. Умар розияллоҳу анҳу Каъб розияллоху анҳуга: «Менга ўлим нима эканини айтиб беринг», дедилар. Каъб уни шундай таърифлади: «Эй амирул-муъминин, у одам боласи қорнидаги тикони кўп дарахтга ўхшайди. Унинг томириям, бўғимиям бўлмайди. Фақат қўллари бақувват бир одам бу дарахтни ундан тортиб, суғуриб олади» дедилар. Буни эшитган Умар йиғлаб юбордилар. Ўша пайтда салтанат ва мулкнинг энг чўққисида бўлган зотнинг ўлим ҳақида сўрашлари ва эслашдан таъсирланишлари ҳар бир кишини тафаккурга чорлаши лозим. Айниқса уни эслашдан чўчийдиган, дунё неъматлари ва ташвишларидан сармаст инсонларни ўйлашга мажбур қилиши зарур. Бир йили Куфада ўлат тарқалди. Қози Шурайҳнинг бир таниши вабодан сақланиш ниятида шаҳарни тарк этиб, баланд бир жойни макон тутди. Бундан хабар топган Шурайҳ дўстига қуйидагиларни ёзиб юборди: «Аммо баъд, сен тарк этган жой ўлимингга якинлаштирмайди. Сен етиб борган макон эса, ҳар қандай талабни бажарувчи ва ҳеч ким қочиб қутула олмайдиган Зотнинг қўл остидадир, албатта. Биз ҳам, сен ҳам ягона Подшоҳ измидамиз. Билгинки, тепалик қудрат эгасига яна ҳам яқинроқдир».
16. Сўнгра сизлар қиёмат куни қайта тирилтириласизлар.
Инсон вафот этиб, қабрга қўйилганидан сўнг у барзах оламига кўчади ва қиёматгача ўша ерда бўлади. Қиёмат қоим бўлгач, Аллоҳ таоло инсонларни худди дарахт ва набототни ундирганидек ердан қайта “ундириб” чиқаради. Энди инсонлар учун иккинчи ҳаёт - абадий яшаш даври бошланади. Абадий ҳаётнинг қай тарзда кечиши эса банданинг дунё ҳаётида имонли ёки имонсиз ўтгани, солиҳ ёки гуноҳ амаллар қилганига боғлиқдир. Ким имон келтириб, солиҳ амаллар қилган бўлса, жаннатлардаги нозу неъматлардан абадий баҳраманд бўлиб, роҳат-фароғатда яшайди. Ким имонли бўлатуриб гуноҳ ишларга қўл урган бўлса, жаҳаннамдаги азоб-уқубатлардан «насибаси»ни олмагунча жаннатга кира олмайди. Ким куфр келтириб, имонсиз ҳолда вафот этса, ҳар қанча солиҳ амаллар қилган бўлса ҳам, жаҳаннамда абадий азоб-қийноқларга гирифтор бўлади. Исломнинг буюк адолати шундаки, у бу дунё ортидан охират дунёси борлигини эълон қилган. Агар шундай бўлмаганида инсон дунё ҳаётидаги олтмиш-етмиш йиллик қисқагина умрини меҳнат-машаққатлар, уруш-жанжаллар, турли касаллик ва фалокатлар, хўрлик ва изтироблар ичида совуриб, эвазига ҳеч қандай мукофот олмай ўтиб кетган бўлур эди. Дунёда ҳақсизлик, зулм, қийноқ, адолатсизликларга дуч келганида «Бунинг эвазига охиратда ажр бор-ку!» деган улуғ таскин-тасаллини топа олмаган бўлур эди. Исломнинг буюк адолати шундаки, у ўлгандан кейин қайта тирилиш борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида, ўлим инсон учун энг катта фожиа, кулфат, адолатсизликка айланган, уни ўрганиб қолган ҳаётидан, яқинларидан, мол-мулкидан, мавқе-мартабасидан бир лаҳзада узиб қўядиган золимликка айланган бўлур эди. Инсон бир куни ўлимдан қўрқа-қўрқа жон берган ва ҳайвонлар каби ўлиб кетиб, тупроқда беному-нишон чириган бўлур эди.
17. Дарҳақиқат, устингизда етти йўлни яратдик. Биз махлуқотдан ғофил эмасмиз.
Аллоҳ таоло айтяптики, эй одамлар, Биз устингизга етти қават-табақа осмонни яратиб қўйганмиз. Биз шу осмонлардаю уларнинг орасида турган махлуқотлар - инсонлар, фаришталар, жинлар ва бошқаларнинг нима қилаётганию, нима деяётгани, нималарни хаёл қилаётганидан воқифмиз, ғафлатда эмасмиз.
Бу ояти карима ҳам борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси Аллоҳга имон келтириш зарурлигига ёрқин далилдир. Аллоҳ таолодан бошқа ким етти қават осмонни ёки улардаги махлуқотларни яратибди? Аллоҳ таолодан бошқа ким улардаги ҳамма нарсани билиб турибди? Демак, осмонлар ва махлуқотларнинг мавжудлиги Аллоҳ таолонинг борлигига далолатдир. «Етти» сўзи Қуръони каримда йигирма тўрт марта, шундан етти мартасида осмонлар (самовот) маъносини англатиб келади: «У шундай зотки, сиз учун Ердаги барча нарсаларни яратди. Сўнгра самога юзланди-да, уларни етти осмон қилиб тиклади» (Бақара, 29); «У етти осмонни устма-уст қилиб яратган Зот» (Мулк, 3); «Аллоҳ етти осмонни қандай устма-уст қилиб яратганини ва ойни улардаги нур-ёруғлик қилиб, куёшни эса чирок, қилиб кўйганини кўрмадингларми?» (Нуҳ, 15-16); «Устларингизда етти (қават) пишиқ-мустаҳкам (осмонни) бино қилдик» (Набаъ, 12).
18. Осмондан ўлчов билан сув тушириб, уни ерга сингдириб қўйдик. Биз уни кетказишга ҳам албатта қодирмиз.
Аллоҳ Китобининг жуда кўп оятларида Парвардигор осмондан ўлчов билан сув (қор-ёмғир) туширганининг зикри келади. Қуръонда айрим одамлар ўйлаганидай оддий ёмғир ҳақида эмас, балки ўзининг кимёвий таркиби билан ҳосилдорликни оширадиган, ерни намга тўйдирадиган, инсонларга, ҳайвонот-набототга ризқ-рўз, раҳмат бўлиб ёғиладиган ва қурғоқчиликнинг ҳосилдорликка таъсирини ўзгартирадиган мўл-кўл, баракотли ёмғир ҳақида сўз бормоқда. Қуръонда зикр этилган ёмғирни бирорта олим ёки ҳукмдор бизга осмондан тушириб бера олмайди. Шунингдек, осмондан ўлчов билан сув тушириш, уни ерда тақсимлаб-жойлаштириш ҳам Аллоҳ таолонинг ишидир. Ким осмондан керакли миқдорда сув тушира олади? Ердаги ҳамма сув осмондан ўлчов билан тушган: ортиқча ҳам эмас, кам ҳам эмас. Бордию осмондан сув тушаверсаю у ерга сингмаса, ҳамма ёқни сув босиб кетиб, катта талафотлар етказиши мумкин. Бордию кам ёғса, ҳамма ёқда қурғоқчилик бўлиб, жонзотлар ташналик ва қаҳатчилик азобини чекишлари мумкин. Мана шулар ҳақида тафаккур қилган, Аллоҳнинг неъматлари ва мўъжизаларидан ибратланган ҳар бир инсон сўзсиз имонга келиши керак. Сувни туширган Зот уни кетказиб, йўқ қилиб юборишга ҳам қодирдир. Аллоҳ таоло сувни кетказишига далил сифатида баъзан маълум жойларни сувдан бебаҳра қилиб қўяди. Ўша ерда қурғоқчилик бўлиб, ҳамма нарса ҳалокатга юз тутади. Ана шу қурғоқчилик ҳодисалари ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилади. Одамлар бундан ҳам ибратланиб, имонга келишлари даркор.
19. Ва у билан сизлар учун хурмо ва узум боғлари пайдо қилдик, сизларга у ерда кўп мевалар бор, сизлар улардан ейсизлар.
Атрофингизга бир ибрат назари билан боқинг: Аллоҳ таоло бандалари учун қанчалаб наботот оламини яратиб қўйган. Кўриниши, гуллаши, мевалари, ҳатто уларнинг таъми ва мазаси турлича бўлган бу ранг-баранг мевалар бир ерда ўсиб, бир сувдан ичади, бир куёш нуридан баҳраланди. Аммо уларнинг ҳосили турфачадир. Гарчи ушбу оятда хурмо билан узум мисол келтирилаётган бўлса-да, бошқа барча мевалар ҳам улардан қолишмайди. Хурмо, узум сингари мевалар ва уларнинг навлари қаердан пайдо бўлганини инсон бир ўйлаб кўрсин. Ана шу хурмо ва узум меваларини ким бунчалар ҳар хил қилиб қўйибди? Ким уларнинг шакллари ва рангларини ранг-баранг қилибди? Ким маза-таъмларини турлича этибди? Буларга эътибор назари билан қараган ҳар бир одамнинг имонга келмасдан иложи йўқ. Аллоҳ таоло дон-дунларни, сархил узумларни, турфа сабзавотларни, узум ва хурмоларни инсонлар учун яратиб-ўстириб қўйган. Қуръони каримнинг Абаса сурасидаги 27-29-оятлар куйидагича мазмундадир: “Унда ундирдик дон-дунларни; узум ва сабзавотларни; зайтун ва хурмоларни”. Инсонлар бундан ибрат олишсин, бу неъматлар ўзича пайдо бўлмагани ҳақида фикр юритишсин. Хурмо мевасининг шифобах хусусиятлари ҳақида ҳадиси шарифларда ҳам зикр этилган. «Пайғамбар табобати»да хурмонинг кўпгина хислатлари келтирилади: «Хурмо жуда тўйимли, кувват бўлувчи мева, ози шифо ва кўпи таом ҳисобланади, танани қувватлантиради, ошқозонни тозалайди, буйрак ва жигарга куч беради, ичак йўлларини равон қилади, ҳомиладор аёлларга айниқса фойдали: ҳомила ривожига ижобий таъсир кўрсатади ва туғишни осонлаштиради, эмизикли аёлларнинг сутини кўпайтиради, шамоллашдан пайдо бўладиган ва бўғим касалликларига даво, терининг рангини чиройли қилади». Омир ибн Саъд отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоху алайҳи васаллам: «Ким ҳар куни тонгда бир нечта ажва хурмосидан еса, ўша куни кечгача унга заҳар ҳам, сеҳр ҳам зарар қилмайди», деганлар» (Бухорий ривояти).
20. Ва Тури Синодан чиқадиган бир дарахтни еювчиларга ёғ ва нонхуруш қилиб ўстирдик.
“Тури Сино” (Сайно ҳам дейилади) Миср шимолидаги бир муборак тоғ бўлиб, у ерда Мусо алайҳиссаломнинг Парвардигор билан роз айтишгани (сўзлашгани) тафсир китобларида зикр қилинган. Аллоҳ таоло яна Сино тоғида инсонлар учун ейиладиган ва ёғи олинадиган зайтун дарахтини ҳам ўстириб қўйган. Қуръони каримнинг Ват-тийн сурасидаги биринчи оят “Анжирга қасам ва зайтунга қасам” деб бошланади, яъни Аллоҳ таоло жаннат меваларидан анжир ва зайтунга қасам, деяпти. Аллоҳ таоло бежизга ушбу икки неъматга қасам, демаган. Чунки анжир ва зайтун ҳам мева, ҳам таом, ҳам кўплаб касалликларни даволашда ишлатиладиган шифобахш доридир. Зайтун меваси ва ундан олинадиган ёғ энг шифобахш дори ҳисобланади, ҳозир у замонавий тиббиётда ҳам кенг қўлланилмоқда. Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ солллаллоху алайҳи васаллам: «Зайтун мевасидан енглар ва унинг ёғидан фойдаланинглар, албатта у муборак дарахтдандир», деганлар (Абу Нуъайм ривояти).
Аллоҳ таоло дон-дунларни, сархил узумларни, турфа сабзавотларни, зайтун ва хурмоларни инсонлар учун яратиб-ўстириб қўйган. Инсонлар бундан ибрат олишсин, бу неъматлар ўзича пайдо бўлмагани ҳақида фикр юритишсин. Зайтун ва хурмо инсонларга тўйимли таом бўлиш баробарида турли хасталикларга шифо ҳамдир. Ҳозирги замон тиббиёт мутахассислари зайтун меваси ва мойида инсон соғлиги учун зарур бўлган жуда кўп шифоли моддалар борлигини аниқлашди. Зайтун кўп истеъмол қилинадиган юртларда инсонларнинг саратон, юрак хасталиги, жигар хасталиги каби касалликларга бошқа мамлакатлар аҳолисига қараганда камроқ чалинишларини исботланди.
21. Чорва ҳайвонларида ҳам сизлар учун албатта ибрат бордир. Сизларга уларнинг қорнидаги нарсадан ичирамиз, яна сизлар учун уларда кўпгина фойдалар бор, шунингдек улардан ейсизлар ҳам.
Ушбу ояти каримада ҳайвонот олами ҳам Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига кучли далил экани ҳақида сўз юритилмоқда. Аллоҳ таоло Ер юзидаги ҳамма нарсани, шу жумладан чорва ҳайвонларини ҳам инсонларга бўйсундириб, фойдалантириб қўйган. Ояти карима маъносига чуқурроқ эътибор билан қаралса, ҳақиқатан чорва ҳайвонларисиз инсон ҳаёти жуда қийинлашиб кетган бўлур эди. Энди бир тасаввур қилиб кўринг: эрталаб дастурхонимизга тортиладиган сут, қатиқ, қаймоқ, пишлоқ, тухум, асал каби ноз-неъматларнинг бари ана шу чорва ҳайвонларининг маҳсулотларидир. Уларнинг гўшт ва ёғларини таомларимиз учун ишлатамиз. Жунидан, юнгидан, терисидан танамизни совуқдан ҳимоялаш учун ўзимизга кийимлар тайёрлаймиз. Ҳатто уларнинг чиқиндиси ҳам инсонга фойда келтиради, деҳқончиликда ўғит вазифасини бажаради. Хўш, инсонлар учун ўта фойдали ана шу чорва ҳайвонларини ким яратган? Уларга ким жон ато қилган, ким кўпайтириб, ер юзига тарқатиб қўйган? Аллоҳдан бошқа ҳеч бир зот бу ишларнинг уддасидан чиқа олмайди. Бутун дунё аҳли бирлашиб ҳам ана шу чорва ҳайвонларининг бир тукини ҳам ярата олмайди. Ҳайвонларда сутнинг қандай пайдо бўлишини ўрганган ҳозирги олимлар бунда ҳам Аллоҳ таолонинг улкан мўъжизасига дуч келишди. Ҳайвон еган ем-хашак жуда мураккаб жараёнлардан сўнг, қон ва ахлат орасидан ўтиб, сутга айланар экан. Ҳайвонлар еган озуқанинг бир қисмини сутга айлантириш хусусиятини ким яратган? Қандай қилиб ҳайвон еган ем-хашакнинг бир қисми чиқиндига, бир қисми ўта мусаффо, тўйимли оппоқ сутга айланади? Ушбу нарсанинг ўзи Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига ёрқин далилдир. Бунга ибрат назари билан қараган одам имон келтириши лозимдир.
22. Уларга ҳамда кемаларга миниб юрасизлар.
Ҳайвонларнинг инсонлар учун бундан бошқа ҳам жуда кўп манфаати бор. Аллоҳ таоло туя, от, хачир, қўтос, буғу каби ҳайвонлардан улов сифатида фойдаланиш учун уларни одамларга бўйсундириб қўйган. Агар Аллоҳ таоло уларни инсонларга бўйсундириб бермаса, улар асовлик қилиб, ҳеч қачон думини ҳам тутқазмаган бўлур эди. Кейинчалик эса инсонларга улов сифатида фойдаланиш учун денгизда сузувчи кемаларни ҳам яратиб қўйдики, бундан одамларнинг узоғи яқин, оғири енгил бўлди. Шундай бўлгач, инсонлар ўз атрофларидаги имонга далолат қилувчи ана шундай далиллар туфайли ҳидоятга келишлари, Аллоҳнинг Биру Борлигига имон келтириб, Унинг неъматларига ҳамиша шукрда бўлишлари лозим.
Бундан кейинги оятларда эса пайғамбарлар даъват қилган имон ва уни одамлар қандай қабул қилиб олганлари ҳақида сўз боради:
23. Дарҳақиқат, Нуҳни қавмига пайгамбар қилдик. Шунда у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар, сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Наҳот қўрқмасанглар?!» деди.
Қуръони Каримнинг Аъроф, Ҳуд, Муъминун, Шуаро ва Қамар сураларида Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари зикр қилинган, Аллоҳнинг Китобида унинг номи билан аталувчи сура бор. Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми кўп асрлар мобайнида бутларга сиғиниб келди. Улар бут-санамларни илоҳ деб билишар, ҳар бир яхшиликни улардан сўрашар ва умид қилишар эди. Нуҳ пайғамбар ўз қавмини ихлос билан ибодат қилишга чақириш ҳамда куфр ва залолатдан огоҳлантириш, имон келтирмаган кимсаларга оғир азоб бўлишидан қўрқитиш учун юборилган эди. Нуҳ алайҳиссалом қавмини Аллоҳга имон келтиришга, Унинг ибодатга сазовор ягона илоҳ эканини эътироф этишга чақира бошлади. У одамларни савобли ишларга тарғиб қилар, гуноҳкорларни Аллоҳнинг муқаррар жазосидан огоҳлантирар эди. Аммо кўплар кар ва кўр одамдай бу даъватдан юз ўгирди, такаббурлик ортидан пайғамбарнинг чақириғига қулоқ ҳам солмади. Аммо Нуҳ алайҳиссалом ширинсўзлик ва ҳалимлик билан ҳақ йўлга даъватни давом эттираверди, қавмининг ғофилликдан қутқариш йўлидаги ҳаракатларида асло умидсизланмади.
24. Шунда унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлари айтишди: «Бу ҳам сизларга ўхшаган одам, сизлардан афзал бўлиб олмоқчи, холос. Агар Аллоҳ хоҳласа, фаришталарни туширган бўлар эди. Аввалги ота-боболаримиздан буларни эшитган эмасмиз;
Аммо Нуҳ алайҳиссаломнинг шунча уринишига қарамай, Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига имон келтирувчилар кўп бўлмади. Имонсизларнинг аксарияти бой-бадавлат, обрў-эътиборли кишилар, қавмнинг зодагонлари, корчалонлари, аслзодалари эди. Улар ўзларининг мавқе ва обрўларига ишониб, кибрга борганлари учун оддий одамзоднинг бири бўлган пайғамбарга эргашишни, унинг гапларини тасдиқлашни исташмади. Бу қавмнинг жоҳиллиги шу даражада эдики, инсон зотидан пайғамбар чиқмайди, деб ўйларди. Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг ҳикмати пайғамбарларни ҳар бир қавмнинг ўз орасидан бўлишини тақозо этади. Улар Нуҳ алайҳиссаломни менсимай, масхара қилишга тушишди: “Эй Нуҳ, сен ҳам биз каби бир одамсан. Агар Аллоҳ бизларга пайғамбар юборишни истаганида бирор фариштани одамлар орасига туширар, бизлар унга итоат қилган бўлар эдик. Сен ўзингга эргашган одамларга бир қарагин: бари камбағал, нотавон, касб-ҳунар билан қўл учида кун кўрадиганлардир.Улар ақлли ва фаросатли бўлишганида биздан олдин сенга эргашиб кетмаган бўларди. Биз қавмнинг эътиборли, ақли расо кишиларимиз. Шунинг учун сени бир алдамчи одам деб биламиз”.
25. у фақат бир жинни одам, холос. Демак, уни бир оз муддат кузатиб туринглар».
Қавмининг катталари бўлган зодагон ва бойлар пайғамбарнинг нимага даъват қилаётгани, гапларининг маъноси ва ҳатти-ҳаракатларининг мақсади нима эканига мутлақо эътибор беришмади, унинг гапларини инкор қилишдан, айтганларини масхара ва ҳазилга буришдан нарига ўтишмади. Чунки улар, энг аввало, пайғамбар шахсида ўзларига рақибни кўришган, ўзини пайғамбар деб эълон қилган бу одам бизга ўхшаб қавмга бошлиқ бўлмоқчи ёки қавмга раҳбарликни биздан тортиб олмоқчи, деган хаёлга боришган эди. Шунинг учун пайғамбарга туҳмат қилиш, уни камситиш, мансабпарастликда айблашни бошладилар. Ҳатто қавмнинг кофир зодагонлари Нуҳ алайҳиссаломни жинни деб эълон этишга боришди ва у кишини “ўзини бошқа одамлардан устун қўймоқчи” деган туҳмат билан айблашди. Яъни, “у бир жинни одам, нима деяётганини ҳам билмайди, бироз кузатиб туринглар, у қандай келган бўлса, шундай йўқ бўлиб кетади” демоқчи бўлишди. Шунда ноилож ва чорасиз қолган Нуҳ алайҳиссалом Парвардигорга илтижо қилди. Ким жоҳил-нодон ва ношукр бўлса, ундай одамнинг фикрича, ислоҳ фасодга, ҳақ йўлидаги ихлос одамлардан устун бўлишга, мақбул нарса номаъқул нарсага, ақлли киши жинни ва ноқис бўлиб кўринади.
26. (Нуҳ): «Парвардигорим, уларнинг менга нисбатан ёлғонига қарши Ўзинг менга ёрдам бергин», деди.
Нуҳ алайҳиссалом ўз шаънига айтилган маломат сўзларини эшитиб бўлгач, Парвардигорига илтижо қилиб, бошига тушган мусибатда нажот беришини сўрайди. Яъни, энди бошқа илож қолмади, золимларнинг ёлғон туҳматларидан қутилишда Ўзинг менга ёрдам бер! Нуҳ алайҳиссалом бошқа пайғамбарларнинг ичида энг кўп азиятга учраганларидан эди. У қавми орасида 950 йил жабру ситамларга сабр қилган, таҳқиру мазаҳларга чидаган, хўрлик ва камситишларга бардош берган эди. Қавми имонга келмаганидан кейин у Парвардигорига илтижо қилишга, Ундан кўмак ва нусрат (зафар) сўрашга мажбур бўлди. Ҳақиқий нусрат қаердалигини яхши билгани учун дарҳол Аллоҳга илтижо қилиб, ўзини ёлғончи санаётганларга қарши курашда ёрдам сўради. Шунда Аллоҳ таоло унга ваҳий юбориб, бир кема ясашни ва унга Ўзи белгилаб қўйган жонларни чиқаришни буюрди.
27. Шунда унга ваҳий қилдик: «Бизнинг кўз ўнгимизда ва ваҳий-кўрсатмамиз билан бир кема ясагин. Амримиз келиб, таннурдан фавворалар отилганида у кемага ҳар биридан бир жуфтдан ва аҳли-оилангни чиқар. Улардан ким ҳақида сўз ўтган бўлса, мустасно. Ўша зулм қилганлар борасида Менга гап очмагин, улар албатта ғарқ қилинувчилардир;
Жоҳил ва нодон қавмнинг имонга келишидан умид узилгач, Аллоҳ таоло пайғамбари Нуҳ алайҳиссаломга ваҳий юбориб, Ўзининг назоратида ва ваҳий-кўрсатмаларига амал қилган ҳолда бир улкан кема ясашни буюрди. Кемага барча жониворлардан бир жуфтдан қилиб ва пайғамбарнинг оила аъзоларини чиқариш амр қилинди. Аммо пайғамбарнинг бир ўғли имонга келмай, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилган эди. Нуҳ алайҳиссалом ўз ўғлининг куфр билан ўз жонига зулм қилганлардан бўлиб қолгани, унга Аллоҳнинг азоби келиши аён бўлгани учун Парвардигоридан ўғлини қутқариб қолишни сўради. Аммо Аллоҳнинг тақдирини ҳатто набийлар ҳам ўзгартира олмайди. Ким куфр йўлини тутган бўлса, ундан воз кечилди. Ҳақ ва куфр йўли иккига ажралди. Азоб ва ҳалокат вақти яқинлашиб, аломат-белгилари зоҳир бўлди. Таннур, яъни ер юзининг ҳамма жойидан олов ўрнига сув қайнаб-тошиб чиқа бошлади. Дунёнинг ҳамма жойини кучли тўфон эгаллаб олди. Ундан Аллоҳнинг амри билан кемага чиқиб олганларгина нажот топишди. Золим ўғил катта тўфонда ғарқ бўлиб, ҳалок бўлди. Аллоҳ таоло айтади: “Ниҳоят амримиз келиб, таннур жунбушга келганида: «Унга ҳар нарсадан бир жуфтдан, олдин ҳукм қилинганлардан бошқа аҳли-аёлингни ҳамда имон келтирганларни кемага чиқар!» дедик. Аммо у билан имон келтирганлар жуда озчилик эди” (Ҳуд, 40).
28. кейин ўзинг ва сен билан бирга бўлганлар кемага жойлашиб олгач: «Бизни золим қавмлардан қутқарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин»;
Яъни, эй Нуҳ, имон келтирган кишилар билан кемага ўрнашгандан сўнг Аллоҳ таолога ҳамду сано айтинглар, чунки У сизларни золим қавм билан бирга сувга ғарқ бўлишдан сақлаб қолди. Ваҳоланки, ҳамма нарсага қодир, ўта қудратли Парвардигор Ер юзидаги барча инсонларни куфрлари сабабли ҳалок қилишни ирода қилган. Унинг жазосидан Ўзи истаган махлуқлардан бошқа бирор жонзот жонини асраб қолишга қодир эмас. Шунинг учун ҳам У барча ҳамду саноларга муносиб Зотдир. Ушбу ояти карималар орқали Аллоҳ азза ва жалла пайғамбари Нуҳ алайҳиссаломга Ўзи берган неъматга қандай шукр қилишни ўргатмоқда. Бу шукр Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бўлади. Аллоҳ таоло ношукр бўлган, Ўзини танимаган қавмнинг ҳаммасини тўфон балосига учратиб, ҳалок қилди. Нуҳ алайҳиссалом бошлиқ мўминларни ўша кофирларнинг, золимларнинг зулмидан, ёмонлигидан қутқарди. Энди улар Аллоҳ таолога ўзларини золим қавмлардан қутқаргани учун шукр қилиб, ҳамду санолар айтишлари керак.
29. «Парвардигорим, мени бир муборак манзилга туширгин, Сен манзилга туширувчиларнинг энг яхшисисан», деб айтгин».
Аллоҳ таоло Нуҳ қавмидан нажот топганларни Ўзига шукр қилган ҳамд-мақтов айтишга буюриш билан бирга тўфон балоси тугаганида қуруқликнинг қаерига чиқишни ҳам Ўзидан сўрашга буюрмоқда. Нажот топганлар келгуси ҳаётларини ҳам Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиладилар: “Парвардигорим, бизларни яхши, қулай бир манзилга туширгин, Сен манзилга туширувчиларнинг энг яхшисисан”. Ушбу дуо барча мўминларнинг бирор манзилга бориб тушганда Аллоҳ таолога қиладиган дуоларидир.
30. Бунда албатта аломатлар бордир. Биз синовчидирмиз.
Яъни, Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссасида келгуси авлодлар учун аломат ва ибратлар бордир. Аллоҳ таоло ҳар замон ва маконда қавмлар ҳамда халқларга Ўз пайғамбарларини юбориб, инсонларни синаб кўради. Токи инсонлар уларнинг қиссаларидан ибрат олишсин, улар ҳақида тафаккур қилишсин, шу тариқа имон ва ҳидоят сари юзланишсин. Тарих китобларида келишича, минг йилдан ортиқ умр кўрган Нуҳ алайҳиссалом вафоти яқинлашганда ўғли Сомни чақириб, унга шундай насиҳат қилади: “Эй ўғлим, қалбингда заррача ширк бўлган ҳолида қабрга кирма, чунки Аллоҳнинг ҳузурига мушрик ҳолида келганга бирор нажот йўқдир. Эй ўғлим, қалбингда зарра қадар кибр бўлган ҳолда қабрга кирма, чунки Кибриё Аллоҳ таолонинг ридосидир, ридоси устида талашган кимсадан Аллоҳ ғазабланади. Эй ўғлим, қалбингда Аллоҳнинг раҳматидан заррача умид узган ҳолда қабрга кирма, чунки Аллоҳнинг йўлидан чиққан кишидан бошқаси умидсизликка тушмайди”. Ривоятга кўра, Нуҳ алайҳиссаломнинг вафоти яқинлашганда “Эй Абул Башар, дунё қандай экан?” деб сўрашади. Нуҳ алайҳиссалом: “У икки эшикли бир уйга ўхшайди, бир эшигидан кириб, бошқасидан чиқдим”. Нуҳ алайҳиссалом қамишдан ясалган кулбада яшарди. Унга мустаҳкамроқ уй қуришни маслаҳат беришганида “Ўладиган одам учун бу ҳам кўп”, деб жавоб берган экан.
31. Сўнгра улардан кейин бошқа авлодни пайдо қилдик.
Нуҳ алайҳиссаломнинг вафотидан кейин у катта ўғли Сомни вакил қилиб қолдирди. У Аллоҳ таолога тоат-ибодатда бўлиш, ўзига топширилган вазифаларни бажариш билан машғул бўлди. Шундан кейин узоқ йиллар мобайнида Нуҳ алайҳиссаломнинг зурриётлари инсонларни тавҳидга чақиришди. “Қуръони каримнинг “Унинг зурриётини боқий қолувчи кишилар қилиб қўйдик” ояти ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар: “Нуҳ алайҳиссаломнинг уч ўғли бор эди: Сом, Ҳом, Ёфас. Сом - арабларнинг отаси, Ёфас - Рум халқининг отаси, Ҳом эса ҳабашларнинг отасидир” (Термизий, Аҳмад ривояти). Айрим муфассирларнинг ёзишича, ояти каримада “бошқа авлод” дейилганда Од қабиласи назарда тутилган.
32. Кейин уларга ўзларидан бўлган пайғамбарни юбордик. (У айтди): «Аллоҳга ибодат қилинглар, сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир, наҳот қўрқмасанглар».
Аллоҳ таоло: “Нуҳдан кейин Биз инсонларга уларнинг ўзларидан бўлган пайгамбарни юбордик”, демоқда. Ушбу ўринда бу пайғамбарнинг исми зикр қилинмаган, Олтинхон тўра ўз тафсирида у Од қавмига юборилган пайғамбарлардан Ҳуд алайҳисса-ломдир, дейди. Аллоҳ азза ва жалла унга қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига имон келтиришга чақириш вазифасини юклади. Эътибор берадиган бўлсак, Нуҳ алайҳиссаломдан кейин келган бу пайғамбар ҳам унинг сўзларини айнан такрорламоқда: ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирмоқда, Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқлигини таъкидлаб, Аллоҳга имон келтирмай, залолатда юриш ўта қўрқинчли ва оқибати ёмон иш эканини уқтирмоқда.
33. Унинг қавмидан куфр келтирган, охиратдаги учрашишни ёлғонга чиқарган ва Биз дунё ҳаётида маишатпараст қилиб қўйган зодагонлари айтишди: «Бу ҳам сизларга ўхшаган одам, у ҳам сизлар ейдиган нарсадан ейди, сизлар ичадиган нарсадан ичади;
Аллоҳ юборган пайғамбар қавмни имонга, тавҳидга чақирса ҳам, жоҳил қавм унинг йўлига юрмади, Аллоҳнинг ваҳдониятига имон келтирмади. Устига-устак қавмдаги бир гуруҳ куфр келтирган, охиратда Парвардигорга рўпара бўлишни, ҳисоб-китоб қилинишни ёлғонга чиқарган, Аллоҳ таоло дунё ҳаётида маишатга муккасидан кетказиб қўйган аслзода-зодагонлари шундай дейишди: “Бу ўзини пайғамбар деб эълон қилган бу кишига нега эргашиб юрибсизлар, у асло пайғамбар эмас, у ҳам сизларга ўхшаган оддий бир одам, у ҳам сизлар ейдиган таомларни ейди, сизлар ичадиган сув-шарбатларни ичади. Шундай бўлгач, унга эргашиш ғирт алданишдир”. Дунёнинг вас-васаларига маҳлиё бўлиб, ҳаётини фақат мол-дунё топиш, лаззат ва шаҳватларга ғарқ бўлиш, зебу зийнат, айшу ишратни турмуш мазмуни қилиб олиш пайида бўлган бундай кимсалар дин ва имонга ҳамиша қарши чиқишади, бу йўлда ҳар қандай разилликдан қайтишмайди, улар ҳатто пайғамбарни ҳам ёлғончига чиқаришдан тап тортишмайди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Қавмнинг кофир сардорлари: «Сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз, сени албатта ёлғончи деб ўйлаймиз», дейишди” (Аъроф, 66).
34. агар ўзингизга ўхшаган одамга итоат қилсангиз, унда албатта зиён кўрувчидирсиз;
Қавмнинг кофир сардорлари қабиладошларини Аллоҳнинг пайғамбарига эргашмаслиги, унинг сўзларига ишонмаслиги учун қўлларидан келган ҳамма нарсани қилишга тайёр эдилар. Улар пайғамбарни ёлғончига чиқаришди, у ҳам бошқалар каби еб-ичадиган оддий одам-ку, деб кўришди. Охири “ўзингизга ўхшаган бир одамга итоат қилиб, ота-боболарингизнинг эътиқодидан воз кечсангиз, унда албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоласиз” деган дағ-дағага ҳам ўтишди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Улар айтишди: “Эй Ҳуд, бизга очик, ҳужжат келтирмадинг, сенинг гапинг билан илоҳларимиздан кечмаймиз ҳам, сенга имон келтирмаймиз ҳам» (Ҳуд, 53). Зодагонлар бу гаплари билан ўзларининг нақадар калтабин эканликларини исботлаб қўйишди. Аввало, Аллоҳ юборган пайғамбарнинг нимага даъват қилаётганини аниқлаб-суриштириш, кейин унга муносабат билдириш керак. Ўзларига қилинаётган даъватнинг асл моҳиятини билиб туришса ҳам, кибр ва ғурурлари уни қабул қилишга тўсқинлик қилаётгани ҳақида ўйлаб кўришлари зарур эди. Аммо улар пайғамбарнинг сўзларини тушунмаганликка, билмасликка олдилар. Уларнинг калтабинлиги, нодонлиги шунда эдики, «Аллоҳга ибодат қилинг» деган одамга итоат қилган кишиларни зиёнкорга чиқаришди. Ваҳоланки, одамлар зодагон мушрикларнинг ўзларига ёки қўллари билан ясаб олган бутларига ибодат қилганларнинг дунё ва охиратда катта зиён кўришлари кундай равшан-ку!
35. ўлиб, тупроқ ва суякларга айланганингиздан кейин албатта чиқарилувчи бўлишингизни у сизларга ваъда қиляптими;
Куфр эгаларининг энг катта адашуви ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмасликдир. Бунга имон келтирмаганлари учун охират дунёсига ҳам, унда дунё ҳаётидаги қилмишлар ҳисоб-китоб қилинишига ҳам, ҳар бир банда қилган савоб ёки гуноҳлари учун мукофот ёки жазо олишига ҳам ишонмайдилар. Ўзлари ишонмаганлари етмагандай, бошқа кишиларни ҳам ўлимдан, қайта тирилишдан, охиратдаги савол-жавобдан қўрқитишга ҳаракат қилишади. Оятда зикри келган қавмнинг ҳам кофир сардорлари Аллоҳнинг элчисини масхара қилиб, “Унинг гапига ишонманглар, у сизлар ўлганингиздан кейин, тупроқ ва суякларга айланиб кетганингиздан сўнг тирилтирилиб, қабрларингиздан чиқарилувчи бўлишингизни сизларга ваъда қилаётган бўлса, унинг айтаётганлари ғирт ёлғондир”, дейишяпти.
36. сизларга ваъда қилинаётган нарса жуда-жуда узоқдир;
Кофир қавмнинг сардорлари қабиладошларини Аллоҳнинг элчисидан қайтариш учун туҳмат-бўҳтонларини давом эттиришди. Энди улар ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақидаги илоҳий таълимотларни йўққа чиқаришга урина бошлашди. Қавмга “Ўша пайғамбарнинг сизларга ваъда қилаётган қайта тирилиш ҳақидаги сўзлари ҳақиқатдан узоқ, бўлиши мумкин бўлмаган нарса, сизлар бу сафсаталарга ишониб, ҳаётингизни ғурбатга айлантирманглар” дейишгача боришди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ахир улар Аллоҳ кандай қилиб илк бор (йўқдан) яратиб, сўнгра (қиёматда) У ўша (яратган нарсаси)ни кайтаришини кўрмадилар-ми? Бу Аллоҳга албатта осондир” (Анкабут, 19).
37. дунёдаги ҳаётимиздан бошқа ҳаёт йўқдир. Ўламиз, яшаймиз, биз қайта тирилувчи эмасмиз.
Қавмни ҳақ йўлдан чалғитиш, пайғамбарга итоатсизликка чорлаш ниятида бўлган сардорлар қабиладошларини қайта тирилиш йўқлигига, шунинг учун бу дунёнинг ўзида айшларини суриб қолишга чақиради. Уларнинг даъвосича, ўлгандан кейин иш битди, ҳамма ер остида қолиб кетади, ҳеч ким қайтадан тирилмайди. Пайғамбарликни даъво қилаётган анави одамнинг гапига ишонмаслик керак, чунки у пайғамбар эмас, унинг айтаётганлари ҳам ғирт ёлғон. У қайта тирилиш ҳақидаги сафсаталари билан одамларни йўлдан уряпти, холос.
Ана шу зодагонлар каби шайтонга ва нафсига қул бўлганлар учун гўё фақат бу дунё ҳаёти мавжуд. Улар ўзларини ким яратгани, нега дунёга келишгани, охират дунёсидаги оқибат нима бўлиши, Аллоҳ ҳузурида ҳисоб-китобдан қандай ўтишлари ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Буни исташмайди ҳам. Уларнинг ҳаёт ва ўлим ҳақидаги тушунчалари ҳам турмушларига ўхшаган бузуқ ва телбанамо. Улар «биз ўлиб кетсак, бу ёқда ҳаёт давом этаверади. Ўлганлар тупроққа қоришиб кетади, улар учун ҳаёт тугади», деб ўйлайдилар. Шундай хаёлга боришадию ўзларининг қумурсқадай беномунишон ер билан битта бўлиб кетишларини тасаввур қилиб, даҳшат-ваҳимага тушишади. Ўзлари ошиқ бўлган дунёдан узилишни ўйлаб, қалблари ҳасад ва изтироб оловларида жизғанак бўлади. Бундайлар учун ўлим бу ширин ҳаёт ва жозибали дунёдан ажратиб юборувчи даҳшатли кулфатга айланади. Ёш ўтгани сайин ўлимдан қўрқувга тушаверишади. Атрофдагилардан, ўрганиб қолган ширин ва жозибали ҳаётдан, лаззатли таомлардан, ҳузурбахш кўнгил хушликлардан айрилиб қолишдан даҳшат босаверади. Ҳаётлари шундайин азоб-уқубатда, таҳлика-қўрқувда ўтиб кетади. Аллоҳ таолонинг бемисл ҳикмати ва қудратини тан олгиси келмаётган ана шу сўқир ва жоҳил кимсалар озгина бош қотирсалар, холис тафаккур қилсалар, қалбларини аёвсиз ғижимлаётган нохуш саволларга жавоб топган бўлур эдилар. Ислом ва имоннинг буюк ҳақиқати олдида юраклари таскин ва оромга етишган бўлур эди.
38. у фақат Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадир, бизлар унга ишонмаймиз».
Олдинги пайғамбарларнинг қавмлари каби буниси ҳам пайғамбарни ёмонотлиқ қилиш учун барча воситаларни ишга соляпти. Бошқалари каби бу қавмнинг исёнида, итоатсизлигида уларнинг зодагонлари, аслзодалари бош-қош бўлишяпти. Булар ҳам ўз куфрларини ҳимоялаш учун пайғамбарни ёлғончига чиқариш каби синалган усулдан фойдаланишяпти. Агар пайғамбарни тезда ёлғончи қилмасак, у ўзича Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиб, «Мени Аллоҳ пайғамбар қилиб юборди», деб юрибди. Унинг зиддига иш тутмасак, уни ёлғончи деб гап тарқатмасак, қавм унга эргашиб кетиши мумкин, унда ҳамма нарсани бой бериб қўямиз” деган хаёлда унга мутлақо ишонмасликларини изҳор қилишмоқда: «Унга имон келтириб, мўмин ҳам бўлмаймиз, унинг айтганларига ишонмаймиз ҳам».
39. У: «Парвардигорим, мени ёлғончи қилганларга қарши менга ёрдам бер», деди.
Худди бошқа пайғамбарлар қавмларини тавҳидга чақиришда ноилож қолганларида Аллоҳ таолодан ёрдам сўраганларидек, ушбу қавмга юборилган набий алайҳиссалом ҳам Аллоҳ таолодан ёрдам ва нусрат сўрашга қарор қилди. Чунки золим ва жоҳил қавм унинг даъватларига қулоқ солмади, ўзини ёлғончига чиқарди, калака қилди, ҳатто оз сонли эргашувчиларига ҳам таъқиб-тазйиқ ўтказа бошлади. Шунда Аллоҳ таоло уларга ўзининг оғир азобини юбориб, шу дунёнинг ўзидаёқ жазолади, охиратдаги азоблари бундан ҳам аламли бўлади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ҳолбуки, (эй Макка аҳли), Биз уларни (бойлик ва кувватда) сизларни кодир килмаган нарсаларга кодир крлган эдик ва уларга кулок» кўз ва диллар ато қилган эдик. Улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлари учун уларга кўз-кулоқлари ҳам, диллари ҳам бирор фойда бермади ва уларни ўзлари масхаралаб юрган нарсалари (азоб) ўраб олди” (Аҳқоф, 26).
40. (Аллоҳ): «Оз кунда улар албатта пушаймон бўлишади», деди.
Яъни, Аллоҳ таоло набий алайҳиссаломнинг илтижосини қабул қилди ва Ўз пайғамбарига нусрат ваъда қилди. Айни пайтда қавмининг итоатсизлигидан тушкунликка тушган пайғамбарига тасалли сифатида шундай деди: «Қавмнинг осийлиги ва масхаралашларига сабр қил, оз кунда улар қилмишларига шунақанги пушаймон бўлишади-ки, ўшанда уларга бирорта ёрдамчи ҳам, қўлловчи ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Шунда унга ва у билан бўлганларга раҳматимиз билан нажот бердик ва Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсаларнинг тухумини қуритдик, улар имонли эмас эдилар” (Аъроф, 72).
41. Дарҳақиқат уларни (азобли) қичқириқ тутди. Уларни хас-чўпга айлантирдик. Золим қавмлар даф бўлсин!
Гарчи қиссанинг бошидан-охиригача бу қавмнинг ва унга келган набий алайҳиссаломнинг исми зикр этилмаса-да, уламоларимиз оятдаги “Шунда уларни ҳаққа кўра қичқириқ тутди” жумласидан бу Од қавми ва унга юборилган Худ алайҳиссалом ҳақида сўз бораётганини тушуниб олганлар. Чунки Од қавмидан бошқа қавмнинг қичқириқ билан ҳалок бўлгани ҳақида хабар келмаган. Дарҳақиқат, пайғамбарлар тарихига назар солсак, инсонлар ҳамиша исёнда бўлгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса аламли жаҳаннам қийноқлари кутаётгани ҳақида огоҳланти-рилган. Од қабиласига ўз биродарлари Ҳуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилди. У қабиладошларини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирди, турли бутларга сиғинишдан қайтарди. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини қайта-қайта уқтирди. Лекин жисмонан бақувват, баланд бўйли, қоматдор Од қавми ўз куч-қудратига мағрурланиб, Ҳуд алайҳиссаломни калака қилди. Оқибат Аллоҳ уларга қаттиқ азобини юборди. Бунингустига бепуштлик дардига дучор қилди. Од қавми шу тариқа ҳалокатга учраб, йўқ бўлиб кетди. Бунинг устига кофир ва қайсар қавм қиёматгача лаънатга дучор бўлди. Улар шунчалик хор-зор бўлишдики, ҳатто уларнинг сув юзида қалқиб келган хас-чўпчалик ҳам қадри қолмади. Бундай золим қавмлар Ер юзидан йўқолиб, даф бўлиб кетсин, улар ҳалокатга учрасин, ҳаммаси беному нишон кетсин!
42. Сўнгра улардан кейин бошқа авлодларни пайдо қилдик.
Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, юқорида қиссалари келтирилган қавмларни ҳалок қилганимиздан кейин уларнинг ўрнига бошқа авлод-сулолаларни дунёга келтирдик. Нуҳ ва Ҳуд алайҳимассаломнинг қавмлари ер юзидан йўк, қилиниб, ҳалокатга учратилганидан кейин Солиҳ, Лут, Шуъайб алайҳиссаломларнинг қавмини дунёга келтирдик. Олдинги авлодлар Бизнинг оятларимизни инкор қилиб, ҳалокатга учрашди. Улар ўрнини бошқалар эгаллади. Аммо кейингилардан ҳам жуда озчилик имонга келди, қолганлари куфр ва ширклари сабабли Бизнинг ғазабимиз ва азобимизга гирифтор бўлишди.
43. Ҳеч бир уммат ўз ажалидан олдин ҳам кетмайди, ортда ҳам қолмайди.
Яъни, Биз бирор миллат ёки қавмга зулм қилмадик, уларнинг белгиланган муҳлатидан олдин ҳалок этмадик. Ҳар бир уммат учун белгиланган ажал бор, шунга мувофиқ ҳар бир уммат дунёга келади ва яна ажали етганда дунёдан кетади. Ажал муддатини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ўзгартира олмайди, бирор соат ҳам олдинга ёки ортга суролмайди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Агар Аллоҳ одамларни зулмлари сабабли тутганида ерда бирор жонзотни қолдирмаган бўларди. Лекин уларни маълум муддатгача кўйиб беради. Ўша муддат келганида эса, уни бирор соат ортга ҳам, олдинга ҳам сура олишмайди” (Наҳл, 61).
44. Сўнгра пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик. Ҳар қачон бир умматга ўз пайғамбари келса, уни ёлғончи қилдилар. Шунда Биз ҳам баъзилари ортидан баъзиларини эргаштиравердик ва уларни «ҳикоя»ларга айлантирдик. Энди имон келтирмайдиган қавмлар даф бўлсин!
Аллоҳ таоло инсонларни имонга ва ҳидоятга келишлари учун уларнинг орасига ўзларидан бўлган пайғамбарларни бирин-кетин юбораверди. Аммо жоҳил инсонлар Аллоҳнинг тавҳидига имон келтириш ўрнига Унинг пайғамбарларини ёлғончига чиқаришди. Аллоҳ азза ва жалла ҳам бандаларининг осийликларига қарамай, пайғамбарларнинг баъзилари ортидан бошқаларини эргаштириб, Ўз рисолатини ёйиш учун уларни кетма-кет юбораверди. Инсонлар эса Аллоҳнинг оятларини инкор этиб, пайғамбарларга итоатсизликни давом эттиришаверди. Шунда Аллоҳ ҳам Ўзига ва пайғамбарларига итоат қилмаган жоҳил қавмларни бирин-кетин ҳалокатга учратиб, ер юзидан йўқ қилаверди. Охири Аллоҳ азза ва жалла ҳаммаларини одамлар “Фалон даврда фалон қавм яшаб ўтган экан, фалон жойлар ҳалокатга учраб йўқ бўлиб кетган фалон қавмга тегишли бўлган экан” қабилида одамлар бир-бирларига сўзлаб юрадиган “ҳикоя”ларга айлантириб юборди. Куфр ва ширкка ботган бундай қавмларнинг қисматига ҳеч ким ачинмайди ҳам, улар золимликлари учун бутунлай даф бўлиб кетишсин!
45. Сўнгра Мусо ва биродари Ҳорунни оятларимиз ва очиқ ойдин ҳужжат далил билан юбордик;
Мусо ва Ҳорун алайҳимассалом бир ота-онанинг фарзандлари, туғишган ака-ука эдилар. Улар Имроннинг ўғиллари бўлиб, Аллоҳ таоло икковига Бани Исроилни тавҳидга чақириш вазифасини юклаган эди. Аллоҳ таоло айтади: “Сўнгра улардан кейин Мусони оятларимиз билан Фиръавн ва аъёнларига юбордик. Шунда улар оятларга куфр келтиришди. Энди бузғунчилар оқибати қандай бўлишини кўринг!” (Аъроф, 103).
46. фиръавн ва унинг аъёнларига. Шунда улар мутакаббирлик қилдилар ва кибру ҳавога кетган қавм бўлдилар;
Мусо алайҳиссалом даврида ҳукмронлик қилган Миср фиръавни (подшоҳи) ўтмишдошларининг энг бадавлати, энг узоқ умр кўргани ва Бани Исроилга энг кўп зулм ўтказгани эди. Фиръавн қавмига бутлардан кўра ўзининг нафи кўпроқ тегаётганидан кибрга борди, ўз куч-қудратига ишониб кетди ва қавмини тўплаб, “Мен сизларнинг улуғ тангрингизман” дейишгача борди. Фиръавн бутларга сиғинишни тарк этиб, ўзига итоат қилишни буюрди. Ўшанда у Бани Исроилга “Агар менга сиғинсанглар, сизларни қулликдан озод қиламан, акс ҳолда энг оғир ишларни буюриб, эзиб ишлатаман”, деган эди (“Тарихи Табарий”, 1-жилд, 170-бет). Келаси оятда уларнинг мутакаббирлиги ва ўзларини ҳаммадан устун қўйишлари шундай баён қилинади:
47. улар ўшанда: «Ўзимизга ўхшаган икки одамга имон келтирамизми?! Ҳолбуки, уларнинг қавми бизларга қулдирлар» дейишди.
Фиръавн ва унинг аъёнлари ўзларининг мол-дунёлари, куч-қудратларига ғурурланганлари, кибрга борганлари учун Мусо алайҳис-саломга эргашишни исташмади, унинг гапларига ишонишмади, Аллоҳ таолонинг ваҳийларига эътибор беришмади, пайғамбарини назарга илишмади. Улар “Буларнинг жамоаси, яъни Бани Исроил бизларга асир ва қул бўлса, ўзлари бизнинг итоатимизда бўлишса, нега энди ўзимизга ўхшаган бу икки кишига имон келтиришимиз керак, нега уларни пайғамбар деб тан олишимиз зарур?” деб туғёнга кетишди. Аввалги қавмларда бўлгани каби фиръавнийлар ҳам оддий инсоннинг пайғамбар қилиб юборилишини мияга сиғдира олмай, илоҳий ваҳийларни инкор қилишди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Улар: «Ота-боболаримиз тутган нарсадан бизларни қайтариш ва икковлон бу ерда хўжайинликни эгаллаш учун келдингми? Лекин биз икковингизга ҳеч качон ишонмаймиз», дейишди” (Юнус, 78).
48. Кейин икковларини ёлғончига чиқардилар ва ҳалок қилинувчилардан бўлишди.
Олдинги жоҳил қавмлар Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилган, пайғамбарларини ёлғончига чиқарган эдилар. Фиръавн ва унинг аъёнлари ҳам ўзларидан олдинги кофир қавмларнинг йўлини тутдилар ва оқибатлари ҳам ўшаларники каби ҳалокатли бўлди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Фаришталар айтишади: “Ахир пайғамбарларингиз сизларга ҳужжатларни келтиришмаганмиди?” “Ҳа, келтиришганди”, дейишади. (Шунда фаришталар): “У ҳолда илтижо қилаверинглар, кофирларнинг илтижоси зоедир”, дейишади” (Ғофир, 50).
49. Дарҳақиқат, ҳидоят топишлари учун Мусога Китоб берган эдик.
Яъни, Фиръавн ва унинг қавми батамом ҳалок қилинганидан кейин Бани Исроил шояд ҳидоятга юрса, ҳақ йўлни топса деб Мусога Тавротни нозил қилдик. Токи Бани Исроил Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, У ваъда қилган жаннатга ноил бўлсинлар. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмига Тавротни нозил қилган. Таврот (“қонун, шариат” маъносида) Аллоҳнинг ҳидоят китоби бўлиб, унинг асл нусхасида Бани Исроил Аллоҳнинг тавҳидига чақирилган, яҳудийлар одоб-ахлоққа, инсоний фазилатларни эгаллашга, ўз пайғамбарларига итоат этишга ва Аллоҳга ибодат қилишга чорланган. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳидоят топишингиз учун Биз Мусога Китоб ва Фурҳонни берганимизни эсланглар” (Бақара, 53).
50. Марям ўғлини ва унинг онасини аломат қилдик, иккисини оқин сувли баланд бир қароргоҳга жойладик.
Аввалги сураларда зикри келганидек, Марям бинти Имрон ўғли Исо алайҳиссаломни Аллоҳ таолонинг иродасига кўра отасиз туққан эди. Ҳолбуки, Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг улуғ пайғамбари Исо алайҳиссаломнинг дунёга келиши учун унинг насабини пок сақлаган, Марямга поклик, ибодат ва итоатда бошқаларга насиб этмаган улуғ мақомни берган эди. Одам алайҳиссаломни эркак-аёлсиз, тупроқдан, Момо Ҳаввони аёлсиз, эркак қовурғасидан, Яҳё алайҳиссаломни бутунлай умидсиз кекса эркак ва аёлдан яратган қудратли Зот эркаксиз покиза аёлнинг ўзидан Исони яратишни ирода қилган эди. Исо ибн Марям алайҳиссаломни ва у кишининг оналари Биби Марямни Аллоҳ таоло Ўз қудратига далолат қилувчи мўъжиза - аломат ўлароқ юборди ҳамда икковларини Байтул Мақдис заминидаги оқар суви бор, яшашга қулай бир тепаликка жойлади. Ибн Касир тафсирида айтилишича, ҳазрати Марям Исо алайҳиссаломни туғиш вақтида ўша баландлик кўринишидаги жойда турган эди, олдидан бир чашма оқиб ўтар, унга яқин ерда хурмо дарахти ҳам бор эди.
51. Эй пайғамбарлар, пок нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар. Мен нима иш қилаётганингизни билурман.
Аллоҳ таоло барча пайғамбарларига хитоб қилиб айтяптики, фақат Аллоҳ ҳалол қилган пок нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар, чунки Мен нима иш қилаётганингизни яхши биламан. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг барча пайғамбарлари ҳалол касб билан тирикчилик қилишган, Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларнигина истеъмол қилишган. Қуръони каримда бошқа бир ўринда умумий мусулмонларга ҳам шундай ҳукм қилинган. Ҳадислардан маълум бўладики, кимнинг емаги, ичмаги, киймаги ҳаромдан бўлса, у киши дуосининг қабул бўлишидан умид қилмасин. Яна ҳадисларда айтилишича, қай бир гўшт (тана) ҳаромдан семирган бўлса, унинг учун дўзах ҳақдорроқдир. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир. Улар орасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун ўзини пок тутибди. Ким шубҳали нарсаларга тушса, худди қўриқхона атрофида чўпонлик қилиб, унга ўтиб кетай деган чўпонга ўхшайди. Огоҳ бўлинг! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳнинг ердаги қўриқхонаси - ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир» (Бухорий ривояти).
52. Сизларнинг умматингиз ягона бир умматдир. Мен эса Парвардигорингиздирман. Бас, Мендан қўрқинглар!
Яъни, «Эй пайғамбарлар, сизларнинг динингиз, миллатингиз битта - Исломдир. Парвардигорингиз битта - Аллоҳдир. Демак ўша ягона Парвардигорингиз бўлган Аллоҳдан қўрқинглар». Ояти каримадаги “уммат” сўзи она тилимизда “миллат, дин” маъноларини ҳам ифодалайди. Аллоҳ таолонинг инсониятга юборган дини асосда бирдир, яъни тавҳид динидир. Демак, барча пайғамбарлар Ислом даъвати билан келишган, тавҳидга чақиришган. Бунга Қуръони каримнинг кўпгина оятлари далолат қилади. Ислом ўз моҳиятига кўра, Нуҳ алайҳиссалом замонларидан то пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломгача келган барча пайғамбарларнинг рисолатидир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “(Эй имон келтирганлар, Аллоҳ) сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, шунингдек Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат қилди: “Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқаларга бўлинманглар!” (Эй Муҳаммад), сиз даъват қилаётган нарса (тавҳид) мушрикларга оғирлик қилди. Аллоҳ динга Ўзи хоҳлаган кишиларни танлайди ва Унга инобат қиладиганларни ҳидоят сари йўллайди” (Шўро, 13).
53. Сўнгра (яхлит) ишларини майда-майда қилиб юборишди. Ҳар бир фирқа ўз ҳузуридаги нарса билан хурсанддир.
Аввалда сизнинг динингиз яхлит бир дин эди, кейинчалик уни инсонлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб турли майда дин ва таълимотларга бўлиб юборишди. Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарлар: Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад алайҳимуссалом инсониятни аслида бир динга - Аллоҳ таолонинг улуҳиятда ва рубубиятда ягоналигига, Унинг китобларига, фаришталарига, пайғамбарларига ва қиёмат кунига имон келтиришга, фақат Унга ибодат қилишга даъват этишган. Пайғамбарлар бир динда бўлишгани учун бир динга - Аллоҳнинг тавҳидига чақиришган эди. Улардан кейин қолганлар эса яхлит ишларини, яъни динларини турли оқим ва фирқаларга бўлиб, майда-майда қилиб юборишди. Оқибатда ҳар бир гуруҳ ёки фирқа ўз дини, мазҳаби, фирқаси, йўлбошчиси билан фахрланиб, ўзиникидан бошқаларни ёмон кўриб, нафратланиб юрибди. Динни парчалаш, диний биродарликка раҳна солиш, ягона миллатни пароканда қилиш, турли фирқаларга бўлиниб кетиш Аллоҳнинг ягона динини майдалаштириш, унга зарба беришдир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, Аллоҳдан кўркингиз ва ўз ораларингни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига бўйинсунингиз!» (Анфол, 1). Ана шу илоҳий амрлардан чекиниб, Ислом биродарлигига хиёнат қилувчи кимсаларга эса Аллоҳ таоло қаттиқ жазони ваъда қилади: «Аник, ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф ҳилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана шундайлар учун улуғ азоб бордир» (Оли Имрон, 105).
54. (Эй Муҳаммад), уларни ғафлатларида бир муддат қўйиб қўйинг.
Аллоҳ таоло айтяптики, эй Пайғамбарим, Макка мушриклари сизнинг даъватингизга қулоқ солмай, ўзларининг эътиқодларида ўжарларча қолишмоқчими, энди уларни ўз ҳолларига қўйинг. Улар ана шу ғафлатларида, жаҳолатларида бир муддат юриб туришсин. Модомики, уларга насиҳат кор қилмас, Пайғамбарнинг даъвати қулоқларига етиб бормас экан, энди ўзларидан кўришсин. Қилмишлари учун охиратда Бизнинг қаттиқ азобимизга қолишлари энди аниқ бўлиб қолди. Ширклари учун уларни ёмон оқибат кутиб турибди.
55. Уларга мол-дунё ва фарзандлар билан ёрдам бераётганимизни;
Ўзлари имонга келмасалар ҳам Аллоҳ таоло хузуридан уларни беҳисоб мол-дунё, қўша-қўша ўғил-қизлар, тўкин ҳаётлари учун керакли бошқа неъматлар билан тўла-тўкис таъминлаб қўйганимиз аслида улар учун бир синовдир, имонларини имтиҳонга солиш учун қўлланган бир тадбирдир. Улар Парвардигорлари берган ана шу ато ва неъматлардан ҳузур қилиб баҳраманд бўлишадию, аммо Унинг ваҳийларини инкор қилишади, Пайғамбарини ёлғончига чиқариб, унга итоатсизлик кўрсатишади.
56. ўзларига яхшиликларни тезлатишимиз деб хиособлашадими? Йўқ, улар сезмайдилар.
Яъни, Парвардигорингизнинг уларга бойлик ва фарзандлар билан ёрдам бериб қўйганини бир синов деб тушунсинлар, ўзимизнинг дунё ва охиратдаги имонимиз аломати, ҳақ йўлдалигимиз эвазига берилган инъом деб гумон қилмасинлар. Кофир ва мушрикларга дунё ҳаётида мол-дунё, бола-чақа бериб қўйишимиз уларга яхшиликни тезлатиб беришимиз, уларни неъматлар билан тақдир-лашимиз эмас, балки уларни охиратдаги азобимиз ҳақида огоҳлантиришимиздир. Аммо улар буни сезмайдилар, ўша бойлик ва фарзандларнинг ҳисоб-китоби борлигини, уларнинг бари бандаларга имтиҳон учун берилганини, ортидан бало-азоблар келишини ўйлаб ҳам кўрмайдилар.
Юқоридаги ояти карималарда куфр ва ширк келтирган кимсаларнинг Аллоҳнинг ваҳийларидан бехабар ҳолда ғафлатда юришлари қораланган бўлса, келгуси оятларда жаннат билан шарафланадиган мўминларнинг васфлари зикр қилинади:
57. Улар албатта Парвардигорларидан қўрқиб, хавфда турувчилардир.
Мўминликнинг гўзал сифатларидан бири ҳамиша, ҳар қадамда Аллоҳ азза ва жалладан қўрқиб, охиратдаги оқибатидан хавфда туришдир. Банда ким бўлишидан ва қандай амал қилишидан қатъи назар, амалига суяниб қолмаслиги керак. Бирор хато сабабли азобга қолиш хавфи уни асло тарк этмаслиги лозим. Чунки у ўзи билмаган ҳолда ўз оёғи билан дўзахга кириб кетиши мумкин. Шунингдек, банда ҳеч қачон ноумидликка ҳам тушмаслиги керак. «Биз энди нима бўлсак бўлдик, буёғи пешонамизга боғлиқ» дейиш бандаликка муносиб бўлмаган жоҳилона журъатдир. Аллоҳнинг мағфирати ва марҳамати чексиз. Хоҳласа, банданинг биргина яхши амали сабабли ҳидоят қилиб, жаннатига эриштириши ҳеч гап эмас. Хавф - Аллоҳ талонинг ғазаб сифатига бўлган имоннинг, ражо эса Унинг раҳмат ва мағфират маъносидаги сифатларига бўлган имоннинг натижасидир. Аллоҳдан хавф қилмай, ҳотиржам юрган киши Унинг бир қатор сифатларига тўла ишонмаган бўлади. Шунингдек, Аллоҳнинг мағфират ва лутфу раҳматидан ноумид бўлган киши Унинг шу маънодаги сифатларини инкор этгандек бўлади. Шу боис, Исломда хавф ва ражо тушунчасига алоҳида эътибор берилади. Хавф ва ражо имон кушининг икки қаноти кабидир, бири бўлмаса, куш учолмай қолади. Хавф ва ражо кеманинг икки тарафига осилган посанги тошга ўхшайди, агар улардан бири бўлмаса, кема бир тарафга оғиб, ҳалокатга учраши аниқ. Хавф ва ражо сифати кишини бошқа инсонлар ҳақида кескин хулоса чиқаришдан ҳам тўсади. Ўзидан кўра ибодат ва тақвода қуйи одамни кўрганда ўзининг амалига мағрур бўлиш ўрнига, уларнинг қабул бўлиши ҳақида ташвиш қилади. Бетавфиқ кишиларни кўрганда уларнинг ҳам ҳидоят топишини умид қилади. Аллоҳдан хавф қилган киши гуноҳга қўл урмайди, Аллоҳнинг буйруғини тарк этишга журъат қилмайди. Аммо бандалик, ожизлик қилиб бирор гуноҳ содир этса, Аллоҳнинг бирорта буйруғини тарк этиб қўйса, дарҳол тавба қилади ва гуноҳининг кечрилишини умид қилади. Аллоҳдан хавф қилган киши ибодатни адо этганда, яхши амалларни қилганда, уларнинг қабул бўлмай қолишидан хавф қилиб туради. Аммо бу хавф уни амалдан совутиб қўймаслиги учун амалларининг Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлишини умид қилиб туради. Хавф Аллоҳдан қўрқиб гуноҳдан тийилишга ва ибодат қилишга ундаса, ражо Ундан умид қилган ҳолда гуноҳдан қайтишни ва ибодат қилишни таъминлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар мўминнинг қалби Аллоҳ таолодан қўрқиб қалтираса, хатолари дарахт барглари тўкилгани янглиғ тўкилади” (Байҳақий ривояти).
58. Улар Парвардигорларининг оятларига имон келтирувчилардир.
Мўминликнинг энг муҳим вазифаларидан бири Аллоҳнинг Пайғамбари олиб келган ваҳийларга сўзсиз имон келтиришдир. Мусулмон имони билангина бошқалардан ажраб туради. Имонгина уни олий мақомга чиқаради, саодатга элтади, дунё ҳаётидаги вазифасини белгилайди, охирати учун захира ҳозирлашга чорлайди. Инсон имони билангина барча махлуқларнинг гултожига айланади.
Имон инсоннинг дунё ҳаётидан охират манзилига йўл кўрсатувчи порлоқ маёғи, ҳар бир ишда ҳаракат дастури, барча амалларнинг дебочасидир. Имонсиз киши ўзини ҳар қанча покдомон, софдил, яхши фазилатли кўрсатмасин, қанчалар оламшумул ишларни бажармасин, Аллоҳ наздида чивин қанотича ҳам қадр топмайди, охират неъматларидан заррача насиба ололмайди. Фақат имонгина - Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, ўлгандан кейин қайта тирилишга, қадарга (барча яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билангина содир бўлишига) қатъий ишончгина инсониятни икки дунё саодатига эриштирадиган улуғ илоҳий неъматдир.
59. Парвардигорларига ширк келтирмайдиганлардир.
Бутун борлиқни, ундаги барча махлуқотларни яратган, ризқ берган ва бошқариб турган ўта қудратли, ҳамма нарсага қодир Аллоҳ таолога қўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонли ва жонсиз сохта “илоҳ”ларни шерик қилиш, уларга сиғиниш, улардан мадад кутиш инсоният йўл қўядиган энг мудҳиш хатолардан, кечирилмас гуноҳлардандир. Аллоҳ азза ва жалла бандаларининг ҳар қанча гуноҳи бўлса кечириши мумкин, аммо куфр ва ширкини кечирмайди. Мушрик кимсалар Аллоҳдан ўзга ёрдамчи ва шафоатчи бўлмайдиган қиёмат кунида ўша ўзлари сиғинган илоҳларидан ёрдам кутишади, аммо ўша пайтда уларнинг ўзи ёрдамга муҳтож, залил ҳолатда бўлади. Мушриклар дунё ҳаётидаги бу расволиклари учун дўзахга тушишдан бошқа нарсага эришмайдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўминларнинг энг яхши фазилатларини зикр қилар экан, буларнинг имон келтиришдан кейинги энг муҳим иши Парвардигорга ширк келтирмаслик эканини баён қилади. Ҳақиқатан мўминлар асло ширкка яқин боришмайди, ҳеч бир нарсани Парвардигорга шерик қилишмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ улар (илоҳ экани) ҳақида бирор ҳужжат туширган эмас. Мушрикларга Парвардигорлари томонидан ҳидоят (Қуръон) келиб турган ҳолда улар фақат гумонга ва ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар” (Нажм, 23).
60. Шунингдек, берадиган садақаларини (қиёмат куни) Парвардигорга қайтувчи эканликларидан қалблари қўрқиб турган ҳолда берадиганлардир.
Банда берадиган закот, садақа ва эҳсоннинг қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурига қайтишини ҳар бир мўмин киши яхши англаб олиши зарур. Шунинг учун буларни бераётганда қалби титраб, хоксор ҳолда туриши зарур. Бу сифатнинг зикри келган оят тафсирида имом Аҳмад қуйидаги ҳадисни ривоят қилади. Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, «Берадиганларини Парвардигорларига қайтувчи эканидан қалблари титраган ҳолда берадиганлар» ўғрилик қилиб, зинога бориб, ароқ ичиб, кейин Аллоҳдан қўрқадиганларми?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи! У намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, садақа қиладиган ва шу билан бирга Аллоҳдан қўрқадиган одам”, дедилар» (Тафсири Қуртубий). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ким моли билан муҳтожларга ёрдам берса, ўзи одамларга хизмат қилса, у ҳақиқий мўминдир” (Таховий ривояти).
Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Банда имон чўққисига чиқмагунича унинг ҳақиқатига етишолмайди. Мусулмон камбағалликни бойликдан, пасайишни юксалишдан афзал кўрмагунича ва уни мақтаган ҳамда ёмонлаган кишиларни бир хилда кўрмагунича имон чўққисига чиқа олмайди”. Яна бир улуғ саҳоба Салмон Форсий розияллоҳу анҳу: “Мўмин киши худди шифокори ёнида юрган беморга ўхшайди. Беморнинг ёнида юрган табиб унинг дориларини билиб, кўнгли бирор нарсани тусаганида, «Зинҳор буни ея кўрма! Мабодо есанг, сени ўлимга олиб боради!» дея огоҳлантириб турганидек, мўмин кишининг кўнгли ҳам кўп нарсаларни истаб қолганида Яратган уни зарарлиларидан қайтаради ва жонини қабз қилгунича, жаннатга боргунига қадар назорат остида тутиб туради”, деган.
61. Айнан шулар яхшиликларга шошилишади ва улар бунда ўзиб кетувчилардир.
Юқорида васф қилинган сифатларга эга бўлган мўминлар ҳақиқатан яхшиликлар қилишга ошиққан саодатманд инсонлардир ва бу борада улар бошқа мусулмонлардан олдинга чиқиб, ўзиб кетишади. Абу Ҳурайра айтадилар: «Мўмин кишининг шайтони билан кофир кишининг шайтони учрашиб қолди. Кофирнинг шайтони ёғ босиб семириб кетган, кийим ҳам кийиб олганди. Мўминнинг шайтони эса озғин, чанг, ранжиган, сочлари тўзғиган ва яланғоч эди. Кофирнинг шайтони мўминнинг шайтонига «Нима бўлди сенга, озғинсан?» деди. Мўминнинг шайтони жавоб қилиб: «Мен шундай киши билан биргаманки, овқат еган вақтида Аллоҳнинг номини айтади, мен оч қоламан. Сув ичса, Аллоҳнинг номини айтади, мен чанқоқлигимча қоламан. Кийим кийган вақтида ҳам Аллоҳнинг номини айтади, мен яланғоч қоламан. Агар ёғланса ҳам, Аллоҳнинг исмини айтади, мен сочим тўзғиган ҳолда қоламан», деди. Шунда кофирнинг шайтони: «Лекин мен буларнинг бирортасини ҳам қилмайдиган бир киши билан биргаман. Мен унинг таомига ҳам, шаробига ҳам, кийимига ҳам шериклик қиламан», деди». Имом Фахриддин Розий тафсирида мўминларнинг юқорида зикр қилинган сифатлари ҳақида қуйидагилар ёзилган: «Билгинки, бу сифатл арнинг тартиби ғоят гўзалдир: Биринчи сифат тақиқланган нарсадан сақланишни вожиб қилувчи қаттиқ қўрқинчга далолат этади. Иккинчи сифат Аллоҳнинг ваҳдониятини тасдиқлашга далолат қилади. Учинчи сифат тоатларда риёкорликни тарк этишга далолат қилади. Тўртинчи сифат олдинги уч сифатни жамлашга далолат қилади. Тоатларини титраб, нуқсонга учрашидан қўрқиб адо этади. Ана шу сиддиқлар мақомининг чўққисидир. Аллоҳ бизларни ҳам шунга эриштирсин».
62. Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Хузуримизда фақат ҳақни сўзлайдиган китоб бор. Уларга зулм қилинмайди.
Аллоҳ таоло инсонни яратган ягона Холиқ бўлгани учун ҳам инсоннинг имкониятларини, тоқати нимага етиш-етмаслигини жуда яхши билади. Шунинг учун инсонга нималарни таклиф қилиш ва буюришни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади. Ислом шариатининг барча таклифлари инсоннинг тоқати ва имконияти доирасидадир. Зотан, Аллоҳ таолонинг инсонга тоқати етмайдиган ишни буюриб қўйиб, сўнгра ҳисоб-китоб қилиши ҳам мантиққа тўғри келмас, адолатдан бўлмас эди. Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги барча амаллар ёзиб туриладиган китоб фақат ҳақни сўзлайди. Бандалар нима қилган бўлса, аниқ ўшани ёзади ва айтади. Бунда банданинг амаллари ошириб ҳам, камайтириб ҳам кўрсатилмайди. Бандаларга охиратда ҳеч бир зулм қилинмай, амалларига яраша жазо ёки мукофот берилади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага буюрмайди. Эришгани ўз фойдасига, килмишлари эса зараригадир. «Эй Парвардигор, унутсак ёки хато қилсак, бизни койима! Эй Парвардигор, биздан олдингиларга юклаганингни бизга юклама! Эй Парвардигор, тоқатимиз етмайдиган нарсага мажбурлама! Бизларни афв эт, мағфират қил ва раҳм айла! Сен бизнинг Хожамизсан, бас, бизларни кофирлар устидан ғолиб қил!» (Бақара, 286).
63. Йўқ! Қалблари бундан ғафлатдадир. Уларнинг бундан бошқа ўзлари қилувчи амаллари бордир.
Куфр ва ширкка ботганларнинг қалблари фақат ҳақни сўзлайдиган китоб борлигидан ҳам, ўзларининг барча катта-кичик ишлари унда ёзилиб турилишидан ҳам, қиёмат куни ўзларини кутиб турган аянчли оқибатдан ҳам бехабар ҳолда, ғафлатда юришибди. Улар охиратнинг азоб ва итобларидан ғофил ҳолда дунёнинг ҳою ҳавасларига, гуноҳ ишларига шўнғиб кетишган.Улар ўзларининг бу машғулотлари билан шу қадар банд бўлиб қолишганки, атрофларидаги Аллоҳнинг мўъжизаларини кўрмайдилар, насиҳатчиларнинг хитобларини эшитмайдилар, ҳақни кўрмайдилар, ҳидоятга юрмайдилар. Иш шунга бориб етадики, бир куни келиб охират ҳақида ўйлашга вақтлари қолмайди, қилган гуноҳларига тавбага шошилишга имкон бўлмайди. Икки дунёларини бой берганларидан бошларини чангаллаганча қолаверадилар. Бундан ҳам ёмонроқ, даҳшатлироқ оқибат бўлиши мумкинми?
64. То уларнинг маишатпарастларини азоб билан тутганимизда бирдан фарёд солишади.
Уларнинг дунё неъматлари ва лаззатларига боши билан шўнғиган валинеъматларини, маишатпарастларини Аллоҳнинг иқоби ва азоби ҳар томондан ўраб-қамраб олганида улар жонларини олиб қочишга бир жой, ўзларига ёрдам берувчи бир ҳомий топа олмай, дод-фарёдлар солишади, қилмишларидан афсус-надоматлар қилишади. Лекин энди тавбага фурсат қолмаган, афсусланишнинг фойдаси йўқ. Қаршиларида Аллоҳ ваъда қилган ҳисоб-китоб, гуноҳларга яраша жазо ва итоб бор, холос!
65. «Энди бугун фарёд солманг! Биз томонимиздан сизларга ёрдам берилмайди;
Ушбу оятларда охиратда тасаввурга ҳам сиғмайдиган қаттиқ азобларга дучор бўлгач, ҳаммадан ёрдам сўраб, дод-фарёд солаётган кофирларга бўладиган муомала ажойиб услуб билан баён қилинмоқда. “Энди сизларнинг ёрдам кутиб ҳар томонга жавдирашингиз ҳам, муқаррар азобнинг даҳшатидан фарёдлар чекишингиз ҳам бефойда, абасдир. Дунё ҳаётида қиладиганингизни қилиб бўлиб, гуноҳ ва исёнларга ботиб юрганингизда нега бу ҳақда ўйламадингиз? Мўмин бандалар охиратга тайёргарлик кўриб, дунё лаззатлари ва оромларидан узилганда сизлар нега имонсизлик дарёсида суздингиз, ғафлатда юрдингиз? Энди бошингизга азоб тушганда ёрдам сўраб, фарёд кўтарасизми? Сиз нажот кутиб, дод-вой солаверинг. Аммо билиб қўйингки, Аллоҳ таоло ғофил бандаларига асло ёрдам бермайди, уларнинг ҳолига қарамайди.
66. чунки оятларим сизларга тиловат қилинганида сизлар ортингизга қарамай қочар эдинглар;
Эй мушрик кимсалар, Аллоҳ таолонинг оятлари тиловат қилиб берилганида қулоқларингизни беркитиб олиб, уни эшитмасликка интилар эдинглар ёки бирор ёвдан қочгандек улардан ортингизга қарамай қочардинглар. Менинг оятларим сизларга худди хатарли бир нарсадек кўринган эди. Ҳолбуки, ўша оятларда сизларнинг бахту саодатингиз, охиратда эришадиган гўзал мақомингиз баён этилган эди. Улардан чўчиб, ортга қочиб, мана энди улкан азобга, оғир жазога гирифтор бўлиб турибсизлар.
67. у билан кибрланар, тунги суҳбатларингизда беҳуда сўзлар айтар эдинглар», (дейилади).
Аллоҳ таоло Макка мушрикларига маломат қиляптики, сизлар у билан кибрланар эдинглар, тунги суҳбатларингизда Менинг Каломим ва уни олиб келган Пайғамбарим ҳақида турли бўҳтон-иғво сўзлари айтар эдинглар. Уламолар «у билан кибрланар» жумласидаги «у» олмоши ҳақида икки хил фикр айтишган: баъзилари «у» деганда Қуръон кўзда тутилади, кофирлар Қуръонга имон келтиришдан кибрланишар эди», дейишса, бошқалари «у»дан мурод Байтуллоҳ, чунки кофирлар «Байтуллоҳ бизники», деб у билан фахрланишар эди», дейишади. Ҳар икки маъно ҳам бир-бирини тўлдиргани учун иккала ҳолат ҳам Макка мушрикларига таъна бўлиб келмоқда. Мушриклар кечаси Байтуллоҳнинг атрофига ўтириб олиб, Қуръони карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида иғво, бўҳтондан иборат бўлмағур гапларни айтишар эди. Ана шу ишлари ҳам энди уларнинг ўзларига айб қилиб қўйилмоқда. Уларнинг азобга гирифтор бўлишларининг сабабларидан бири шу экани айтилмоқда.
68. Наҳотки, улар бу Сўзни чуқурроқ фикрлаб кўришмади ёки уларга аввалги ота-боболарига келмаган нарса келибдими?
Наҳотки, ўша мушрик кимсалар охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ушбу Сўз - Қуръони карим ҳақида фикр юритмайдилар, унинг оятларини тадаббур қилиб кўрмайдилар. Ахир бу Сўздан юз ўгириш умуман мумкин эмас-ку! Уни тадаббур билан қироат қилган, унинг оятлари ҳақида фикрлаган ҳар бир киши ундаги маъноларга, ҳидоятга, ҳикматларга, балоғат ва фасоҳатга маҳлиё бўлиб қолади. Қуръонни сира тадаббур қилмаганларгина ундан юз ўгириши мумкин. “Тадаббур” сўзи луғатда «мағзини англаш» деган маънони билдиради. Истилоҳда Қуръони каримни қироат қилишда унинг оятлари маъносини англаш, илғаш, тушуниш, у ҳақда тафаккур қилиш, қалб таскин-ором олиши учун англанганларга амал қилиш умумий номда «тадаббур» дейилади. Тадаббурсиз қироат қироат саналмайди. Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқиш вожибдир. Модомики, ўша мушриклар ундан юз ўгирибдиларми, демак, улар Қуръонни асло тадаббур қилиб кўрмаганлар. Одатдан ташқари нарса келгани учун ундан юз ўгиришяптими? Улардан аввал ҳеч кимга пайғамбар, ваҳий ёки илоҳий китоб келмаган эканми? Агар ўша нодон кимсалар бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўришганида Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиш қанчалик улкан гуноҳ эканини англаб етган бўлишарди.
69. Ёки ўз пайғамбарларини танимай, уни инкор қилувчи бўлишдими?
Яъни, Макка мушриклари ўз Пайғамбарларини яхши билишмайдимики, у зотдан юз ўгиришяпти? Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини ҳам, ота-боболарини ҳам, наслу насабларини ҳам, хулқ-атворларини ҳам, сир-асрорларини ҳам жуда яхши билишади-ку! Ҳолбуки, бутун араблар наздида Пайғамбар алайҳиссалом ёшликларидан ишончли, пок инсон бўлганлар, ўша мушрикларнинг ўзлари у зотга “Амин” - ишончли деб ном беришган эди. Аммо улар кибрга бориб, у зот келтирган динни ёмон кўришади, шунинг учун ҳеч бир уялмай-нетмай шафқатсизлик билан Аллоҳнинг Расулини “мажнун” дейишади. Улар ғурурларига маҳлиё бўлиб, айтганларини қилдириш пайидан бўлишади, у зот олиб келган динни йўқ қилишни исташади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло уларга Ўз Пайғамбари орқали ҳамиша орзу қилиб келишган зикр ва насиҳатларини юборди. Аммо улар энди буларни қабул қилишни хоҳлашмаяпти. Ҳолбуки, Пайғамбар насиҳат ва даъватлари учун улардан ҳақ сўраётгани ҳам, мукофот кутаётгани ҳам йўқ. У зот учун Парвардигорларининг ажр ва инояти ҳамма нарсадан аълодир.
70. Ёки «Унда мажнунлик бор», дейишяптими? Йўқ! Уларга у ҳақни келтирди. Уларнинг аксарияти эса ҳақни ёқтирмайдиганлардир.
Мушриклар Қуръонни инкор қилиш учун бор сабаб ва воситалардан, йўқ ердаги сафсаталардан фойдаланиб қолмоқчи бўлишяптими? Ёки улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда мажнунлик-жиннилик бор деб, у зотни ақлсизга чиқармоқчи бў-лишяптими? “Агар Пайғамбарни жиннига чиқарсак, у олиб келган ваъз-насиҳатларнинг эътибори қолмайди” деб ўйлашяптими? Йўқ, бу туҳматларнинг бирортасида ҳам асос йўқ, улар ҳеч бир соғлом ақлга тўғри келмайди. Булар мушрикларнинг Исломдан, Қуръондан юз ўгириб кетишларига баҳона бўла олмайди. Парвардигорлари у зотга марҳамат қиляптики, “эй Ҳабибим, сиз албатта уларни тўғри йўлга, ҳаққа чақиряпсиз, ким сиз кўрсатган йўлдан бурилиб кетса, ўша кимса саодат йўлидан четга чиққан, адашган бўлади. Чунки сиз ҳақ дин билан, ҳақ Китоб билан келдингиз, улар шунинг учун сизни ва Исломни инкор қилмоқдалар. Ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига қарши тургани учун улар ҳақни ёмон кўрадилар, ундан қочадилар.
71. Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашганида эди, осмонлару Ер ва улардаги жонзотлар бузилиб кетар эди. Йўқ! Биз уларга эслатма келтирдик. Улар эса бу эслатмадан юз ўгирувчидирлар.
Яъни, ҳақ битта, бу ҳам бўлса Аллоҳнинг динидир. Шундай бўлгач, ҳамма ҳаққа эргашиши, Аллоҳнинг динида бўлиши, ҳидоят сари юзланиши лозим. Аммо кофир ва мушриклар ҳақни чегараламоқ-чи, уни ўз хоҳиш-истакларига бўйсундирмоқчи бўладилар. Улар ҳақ ўзларининг ҳавойи нафсларига эргашишини хоҳлайдилар. Шунинг учун ҳам «Менимча, дин ундай бўлиши керак ёки бундай бўлиши лозим, фалон нарсалар билан чегараланиши зарур», дейдилар. Ҳақ битта бўлгани, инсонларнинг ҳавойи нафслари, истак-хоҳишлари чексиз бўлгани учун ҳам ҳавойи нафснинг истаклари орқали ҳаққа эришиб бўлмайди. Агар ҳақ инсонларнинг ҳавойи нафсларига эргаштириб қўйилганида осмонлару Ер ва ундаги бор жонзотларнинг ҳаёт низоми бузилиб, ҳамма нарса издан чиқиб кетган бўлур эди. Буни истаганлар эса ҳавойи нафсининг кўйига тушиб, фасодга учрайди, ҳақдан четланиб кетади. Демак, фасодга учрамаслик, бузғунчига айланмаслик учун ҳақни одамларнинг ҳавойи нафсига эмас, уларнинг ҳавойи нафсларини ҳаққа бўйсундириб, тобеъ қилиш керак бўлади. Одамлар динни чеклашмайди, балки дин инсонларнинг ҳавойи нафсларини чегаралаб беради. Аммо айрим макон ва замонларда инсонлар ана шу ҳақиқатдан чекиниб, Исломдан юз ўгирмоқдалар, ҳақни - Исломни ўз ҳавойи нафсларига бўйсундиришни хоҳламоқдалар. Уларнинг бу ишлари ҳаққа хиёнатдир, Аллоҳ таолонинг динига зарар етказишдир, ҳақ йўлдан оғиб кетишдир.
72. (Эй Муҳаммад), ёки улардан ҳақ сўраяпсизми?! Парвардигорингизнинг атоси яхшироқдир ва У ризқ берувчиларнинг энг яхшисидир.
Яъни, «Эй Пайғамбарим, нима учун улар ҳақдан юз ўгирадилар?! Ёки сиз уларни ҳаққа чақирганингиз эвазига улардан маош, мукофот, мол-дунё сўраяпсизми? Сизга улар берадиган бойлик-мукофотларнинг нима кераги борки, Бизнинг ҳузуримиздаги мукофот инсонларнинг берадиган нарсасидан бутунлай қийматлидир».
Бошқа сураларда зикр қилинганидай, олдинги пайғамбарларнинг бирортаси ҳам қилган даъватлари эвазига инсонлардан ҳақ сўрамаган, улардан бирор манфаат кутмаган. Хусусан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам даъватлари эвазига инсонлардан бирор нарса тамаъ қилмаганларини Аллоҳ яхши билади. Аммо бу ердаги савол кофирларнинг шундай даъволари асоссизлигини исботлаш учундир. Аллоҳнинг ваҳийлари инсоният каби кўҳна, азалий бўлгач, улардан юз ўгириш тўғри бўлармикин? Ваҳийларни инкор қилаётганларнинг ўзлари Аллоҳнинг Пайғамбари софдил, пок, одил инсон эканларини билгач, у зотни инкор қилишлари нимаси? Мажнун киши Аллоҳнинг ҳузуридан ҳақни олиб келишга қодирми? Ва ниҳоят, Пайғамбар улардан ўз хизматига ҳақ кутмаётган экан, ўзларининг манфаати йўлида у зотнинг фидокорлигини нега рад қилиш керак бўлади? Мана шу саволларнинг ўзиёқ куфр ва ширк эгаларининг инкорлари тагида ғирт бемаънилик ётганини исботлаб турибди. Ояти карима охирида Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, эй Пайғамбарим, даъватингиз учун ҳақ-мукофотни Ўзимиз берамиз, Парвардигорингиз берадиган ато ва мукофот бошқа барчасидан яхшироқдир. Барча махлуқотга ризқни ҳам Ўзимиз берамиз, Парвардигорингиз ризқ берувчиларнинг энг яхшисидир.
Эй Пайғамбарим, сизнинг ишингиз тўғри йўлга, ҳидоят йўлига чорлаш бўлгани учун зиммангизга юкланган вазифани сидқидилдан бажаряпсиз. Улар сизнинг чақириқларингизга қулоқ осишганда, йўлингиздан юришганда икки дунё саодатини қўлга киритган, ҳузуримиздаги лутфу иноятдан манфаатланган, баҳраланган бўлишарди. Чунки имон йўли, ҳидоят йўли бандаларни тўппа-тўғри абадий фароғат масканлари бўлмиш жаннатларга етаклаб келади. Аммо дилларини куфр ва ширк хасталиги ўраб олган кимсалар ана шу боқий ҳақиқатни тушунмай, залолат йўлларини ҳақ деб билишди, ўз гумроҳликлари ва жоҳилликлари туфайли абадий саодатдан маҳрум бўлишди.
74. Охиратга имон келтирмайдиганлар бу йўлдан озувчидирлар.
Агар инсонлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари кўрсатиб берган ҳақ йўлдан адашмай юрганларида мутлоқ адолат ҳукмрон бўлган охират ҳаётида энг бахтли инсонлардан бўлишарди. Охират дунёсига, ўлгандан кейин қайта тирилишга бўлган ишонч инсонни абадий бахт-саодатга элтувчи таълимотдир. Кофир ва мушриклар ана шу буюк ҳақиқатга ишонмаганлари учун ҳам адашиб-улоқиб юришибди. Уларнинг ҳақдан юз ўгиришларининг асосий сабабларидан бири айнан шу нарсадир. Улар охиратга ишонишмайди, қиёмат бўлишига, ўлганлар қайта тирилишига, ҳисоб-китоб бўлишига, жазо ва мукофот берилишига имон келтиришмайди. Шунинг учун Исломнинг тўғри йўлидан оғиб, бутунлай бошқа томонга, залолат йўлига бурилиб кетадилар. Мана шундай кимсаларнинг қалби тош бўлиб, ўзлари ҳеч нарсадан таъсирланмайдиган махлуққа айланиб қоладилар. Бошларига яхшилик келса ҳам ибрат олмайдилар, шукр қилмайдилар. Ёмон мусибатга учрасалар ҳам кўзлари очилмайди, саркашликларида, туғёнларида давом этаверадилар.
75. Агар уларга раҳм қилиб, улардан зарарларини аритсак ҳам, туғёнларида бардавом ҳолда саргардон юришаверади.
Агар бир мўминга бало-офат ё мусибат етгудай бўлса, у дарров ўзини сарҳисоб қилишга тушади, хато-гуноҳларини эсга олади, ўзини ўнглаш, поклаш, Аллоҳга тоат-ибодатни кўпайтириш пайидан бўлиб қолади. Чунки баъзи бир мусибат-қийинчиликлар кишининг покланиши ва олий мақомларга етиши йўлида хизмат қилади. Бу ҳақда На-бий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Мусулмон кишига ташвиш, ғам, қийинчилик етса, ҳатто бир тикан кирса ҳам Аллоҳ тао-ло ўшанинг сабабидан хатоларини кечиради», деганлар. Аммо бундай бало-мусибатлар имонсиз ва мушрик кишиларга етиб қолса,улар бошда сал ўнглангандай бўлиб туришадию, Аллоҳ бошларидан балони аритиши билан яна туғёнларида давом этишаверади, куфр ва ширк чангалзорларида саргардон кезишаверади. Бундай жоҳил ва нодон кимсалар бало-мусибатлари даф бўлиши билан яна ҳадларидан ошиб, саркашлик қиладилар, ўнгланишни ўзларига эп кўрмайдилар. Одатда, бундай тоифалар ризқи мўл-кўл, ҳукми юриб турган, дасти узун одамлар ичида кўпроқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши турган қурайшликлар ана шундай тоифадан эдилар. Уларнинг кибру ҳавоси жуда осмонда эди, улар Ҳақнинг йўлига тўсиқ бўлган эдилар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам уларга қарши: «Аллоҳим, менга уларнинг устида ўзинг Юсуфнинг (қаҳатчилик) йилларига ўхшаш йиллар билан ёрдам бергин», деб дуоибад қилишга мажбур бўлдилар. Аллоҳ таоло ушбу дуони қабул қилди. Қурайшни қаҳатчилик ва очарчиликка дучор этди. Улар ўлимтик гўштларни, итларни едилар, ҳаттоки жун билан терини қўшиб, қонга булаб, қовуриб едилар. Лекин шунда ҳам имонга келмадилар. Қурайш кофирлари туғёнларида бардавом ҳолда адашиб-улоқиб, қарийб йигирма йил давомида Исломга, Қуръонга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга душманлик қилиб юрдилар.
76. Дарҳақиқат, уларни азоб билан тутдик, улар эса Парвардигорларига бўйин ҳам эгмадилар, тавба-тазарру ҳам қилмадилар.
Куфр ва ширкка борган Макка мушриклари кўп йиллар Аллоҳнинг динига, мусулмонларга душманлик қилиб, осийлик қилиб юришди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла уларни Ўзининг қаттиқ азоби билан тутди: қаттиқ қаҳатчилик ва очарчиликка учратди. Улар бу балолардан қутулиш учун Аллоҳга бўйин эгишлари, У Зотга тавба-тазарру қилишлари лозим эди. Аммо туғёнга кетиб, куфр ва ширкларида қаттиқлашган қавмлар шунча синовлардан кейин ҳам Парвардигорларига бўйин ҳам эгмади, тавба-тазарру ҳам қилмай юраверди. Икрима Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Муҳаммад, Аллоҳ ва қариндошчилик ҳаққи сўрайман, очликдан ҳатто қонли яраларни ҳам едик”, деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
77. Уларга қаттиқ азоб эшигини очганимизда, ўша вақтда улар ноумид бўлувчилардир.
Яъни, буларга танбеҳ бўлиши, кўзлари очилиши учун қаҳатчилик, очарчилик балоларига гирифтор қилинишди. Аммо улар шунда ҳам Аллоҳнинг азобидан огоҳда бўлишмади. Энди шу нарса яқин қолдики, Биз уларга охират азобининг ва дунё азобининг эшикларини очиб қўямиз. Бу ҳолда улар учун умид эшиклари батамом беркилади, нажот эшигидан ҳаргиз кира олмайдилар. Чунки улар Аллоҳнинг тавҳидидан юз ўгирган бебахт кимсалардир.
Одам алайҳиссалом зурриётларидан бошлаб Аллоҳ таоло барча инсонларни Ўзининг тавҳидига, яъни Аллоҳ таолони яккаю ягона яратувчи, барча махлуқотлар ҳаётини бошқарувчи буюк ва кудратли Зот деб танишга, Унга ҳеч бир нарсани - бут-санамларни, сохта “илоҳ”ларни ёки қандайдир юксак мартабали шахсларни шерик қилмасликка чақирган. Бу борада уларнинг руҳларини яратиш чоғида барчаларининг ваъдаларини олган. Шунинг учун Аллоҳ таоло инсонларга хитоб қилиб эслатяптики, қиёмат куни хузуримизда тўпланганингизда “тавҳиддан бехабар қолибмиз, олдинги ширкда ўтиб кетган ота-боболаримизнинг қилмиши учун бизларни азоблайсанми?” деб баҳона қилмаслигингиз учун сизларга Пайғамбаримизни, яъни Муҳаммад алайҳиссаломни юборганмиз. У киши орқали ваҳийларимизни, яъни Қуръони каримни нозил қилганмиз. Шундан кейин ҳам имон келтирмасангиз, шундан кейин ҳам ҳидоят йўлига юрмасангиз, шундан кейин ҳам Аллоҳга бут-санамларни, Унинг махлуқларини шерик қилаверсангиз, ўз жонига зулм қилувчи ҳақиқий бахтсиз кишилар экансиз. Энди Аллоҳнинг азобини кутишдан бошқа чорангиз қолмабди.
78. У сизларга қулоқни, кўзлару дилларни пайдо қилгандир. Бунга жуда оз шукр қиласизлар!
Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Инсондаги бу гўзал хилқат, бу ажиб юз, хушбичим қомат, кўркам қош-кўзлар, қулоқлар, мутаносиб қўл-оёқлар, бир нафас ҳам ором олмай, тўхтовсиз ва беминнат ишлайдиган ички аъзолар қаердан пайдо бўлиб қолди? Кичкинагина кўздаги аъзолар фаолиятини, жойлашув низомини, ўта нозик, мураккаб томирча ва пардаларни онанинг қорнига ким жойлаб қўя олади? Албатта, Буюк Холиқимиз Аллоҳ таолонинг қудрати бу нозик ишнинг уддасидан чиқади. Бошқа тана аъзоларимизга ҳам бир назар солингчи: сон-саноқсиз товуш ва шовқинлардан фақат кераклисини топиб эшитадиган ва бу ҳақда шу заҳотиёқ адашмай хабар берадиган оддийгина қулоқнинг вазифасини яна бошқа нима уддалай олиши мумкин? Ҳеч нарса! Ҳатто ихтирочилар ясаган энг мукаммал эшитиш жиҳозлари ҳам қулоқ ўрнини босолмайди. Минглаб мўйқалам усталари ўхшатиб чизолмаган, минглаб шоирлар таърифини келтиролмаган инсон аъзоларининг Яратувчиси, Мусаввири - Аллоҳ таолонинг Ўзидир!
Инсоният илм-фанда қанчалик илгарилаб кетмасин, қанча-қанча кашфиёт ва ихтиролар қилинмасин, Аллоҳнинг ҳикмати, мўъжизаси олдида буларнинг ҳаммаси ўз жозибасини, қимматини йўқотиб қўяверади. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб кўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани - Ўзига ҳеч бир нарсани шерик қилмаслигимизни, фақат Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос. Кимдир ана шу беҳисоб неъматларга шукр қилиб, уларнинг ҳаққини адо қилади. Бошқа биров эса унга ношукрлик билан неъматнинг заволига учрайди. Аллоҳ таоло неъматларининг ҳаққини адо этиш фақат Аллоҳга имон келтириш, шерик нисбат бермаслик, Унга ҳамд айтиш ва шукр билдириш билан бўлади. Дарҳақиқат, ҳозиргача инсониятга юборилган барча дин ва таълимотларнинг асос-негизини ҳеч қандай шериги, тенги ва ўхшаши бўлмаган ягона Аллоҳга итоат ва ибодат қилиш (тавҳид) ташкил этади. Имонли кишилар тавҳидни маҳкам тутиб, фақат Аллоҳга сиғинишади, Унгагина қуллик қилишади, барча ҳожатларини ана шу ҳамма нарсага қодир Зотдан сўрашади. Мушрик кимсалар Аллоҳга қандайдир сохта ва ожиз илоҳларни шерик қилиб, мушриклик йўлини тутишади ва ана шу гумроҳликлари оқибатида икки дунё саодатидан бенасиб қолишади.
79. У сизларни ер юзида яратиб, таратган Зотдир. Унинг ҳузуригагина тўпланасизлар.
Аллоҳ инсонларни яратишни ирода қилганидан сўнг У Одам наслига Ер юзининг ҳамма жойида яшаши учун қулай имконлар яратиб берди. Уларни турли ўлкаларга таратиб юборди, барча махлуқотини уларга бўйсундириб қўйди. Ўзингиз бир тафаккур қилиб кўринг: Ер юзидаги бу гўзал водийлар, муҳташам тоғлар, серсув дарё ва булоқлар, ям-яшил ўтлоқларнинг бари инсонларга аталган. Булардан ташқари, гўштидан ейишлари, сутидан ичишлари, асалидан тотишлари, тери ва юнгидан кийинишлари, оғир юкларини ташишлари учун чорва ҳайвонларини ҳам яратиб қўйди. Донидан фойдаланишлари, меваларидан тановул қилишлари учун деҳқончилик-зироат ишларини ҳам ўргатиб қўйди. Аллоҳ таолонинг инсонларни яратишдан уларнинг фақат Ўзига ибодат қилишларини ирода қилган эди. Шундай бўлгач, инсонлар ўзларини йўқдан бор қилиб яратган, ер юзида таратган Зотга имон келтириб, Унга итоат ва ибодатда бўлишлари лозим. Яна Ҳақ таолонинг иродасига кўра қиёмат куни Унинг ҳузурига тўпланасизлар. Шунда Аллоҳ сизларни саволга тутиб, ҳисоб-китоб қилади, жазо ёки мукофот беради. Ширк балосига мубтало бўлган мушрик кимсалар ўзлари гуноҳга ботганлари етмагандай, энди бошқаларнинг ҳам ўзлари каби адашишини истаб, уларни Аллоҳнинг йўлидан қайтармоқчи, ҳақ йўлдан адаштирмоқчи бўлишади. Уларнинг мушриклиги Аллоҳга ширк келтиришлари, охиратга, ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмасликларидир.
80. У тирилтиради ва ўлдиради. Кечаю кундузнинг алмашиши ҳам Унга хосдир. Ахир, ақл юритмайсизларми?!
Эътибор қилган бўлсангиз, бир сонияда дунёда минглаб одам туғилиб, яна деярли шунчаси ҳаёт билан видолашади. Инсонлар бу ҳақиқатга шунчалар кўникиб кетишганки, бу илоҳий қонуниятнинг моҳиятига ҳамиша ҳам аҳамият беришавермайди. Аммо ана шу туғилаётган инсонларнинг бирортасига Аллоҳдан ўзга бирор зот жон ато қила оладими? Бехато ишлайдиган тана аъзоларининг ақалли энг кичигини ярата оладими? Уларни фақат Аллоҳ таоло тирилтиради ва ўлдиради. Аллоҳдан бошқа ҳеч бир зот ҳаёт ва ўлим ишларига аралаша олмайди. Шундай бўлгач, ягона яратувчи бўлган Аллоҳгагина тоат-ибодатда бўлинади, фақат Унгагина сиғинилади. Ёки бошқа бир мўъжизани - кеча ва кундузнинг алмашинишини олиб кўрайлик. Ким уларнинг қатъий низом асосида алмашишини, бири ўз ўрнини бошқасига бўшатиб беришини жорий қилиб қўйган? Агар уларнинг ўрни алмашиб кетганда инсоннинг ҳоли нима бўларди? Ёки туннинг муҳлати узайиб, кундузнинг вақти камайиб қолганида инсонлар не кўйга тушган бўлишарди. Қуртубий тафсирида айтилишича, бу ерда фақат кун ва туннинг зоҳиридаги фарқлар айтилаётгани йўқ, балки уларнинг давомийлиги ҳам кўзда тутиляпти. Улар маълум вақт ичида, маълум жараёнга кўра алмашиб туришади. Аллоҳнинг мана шундай мўъжиза ва аломатларини кўриб-билиб туриб ҳам Унга имон келтирмаслик, амр-фармонларига бўйсунмаслик, бу ҳақда ақл юритмаслик ғирт гумроҳликдир, қаттиқ адашишдир!
81. Йўқ! Улар ҳам аввалгилар айтганига ўхшаш нарсани айтдилар.
Инсонлар ўзларига рўбарў қилинган шунча ҳужжат-далиллар борлигига қарамай, ақл юритмадилар, имонга келмадилар. Бунинг ўрнига ўзларидан олдинги куфр эгаларининг айтганларини қайтариб, уларнинг сўзига ўхшаш сўзларни айтишдан нарига ўтмадилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, имон ҳаловатини топибди: ким Аллоҳ ва Унинг Расулини бошқа ҳамма нарсадан ҳам яхши кўрса; ким бир бандани яхши кўрсаю, уни Аллоҳ учунгина яхши кўрса; ким Аллоҳ уни қутқаргач, куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўрса», дедилар» (Бухорий ривояти).
82. Улар айтишди: «Ўлиб, тупроқ ва суякка айланганимизда яна қайтадан тириламизми;
Мушрик кимсалар ўлгандан кейин қайта тирилишнинг борлигига ишонмаганлари учун охиратни инкор қилишади, “ўлиб, суякларимиз тупроққа қоришиб кетганидан кейин яна қандай қилиб қайта тириламиз” деган сафсаталарни ўйлаб топишади. Улар билишмайдики, аввалда Аллоҳ ўзларини йўқдан бор қилиб яратгани каби уларни қайта тирилтириш ҳам У Зотга мутлақо қийинчилик туғдирмайди. Бир томчи ҳақир сувдан мукаммал инсонни яратган Зотга ўлганидан кейин уни қайта тирилтириш ҳам Унинг яратувчилик қудратига далолат қилувчи бир кўриниш, холос. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Улар: «Суяк ва чириган тупроққа айланиб бўлганимиздан кейин ҳам янгидан яратилиб, тирилтириламизми?» дейишди. (Эй Муҳаммад); «Тош ёки темир бўлсангиз ҳам ёки кўнглингизда мушкул кўринган бошқа бирон махлук, бўлсангиз ҳам», деб айтинг. Шунда улар: «Бизни ким қайта тирилтиради?» дейишади. «Сизларни биринчи марта йўқдан бор қилган Зот», денг. Сизга бошларини қимирлатиб: «Бу қачон бўлади?» дейишади. «Шояд, яқинда бўлса», денг» (Исро, 49-51).
83. дарвоқе, бу бизларга ҳам, ота-боболаримизга ҳам аввал ваъда қилинган эди. Бу аввалгиларнинг афсонасидан бошқаси эмас».
Юқоридаги далиллардан кейин уларнинг бу гапни айтишлари жуда ҳам қабиҳ ва аҳмоқонадир. Улар ўлгандан кейин қайта тирилишларини инкор этибгина қолмай, бу башоратни масхара ҳам қилдилар. Уни «афсона» деб атадилар. Аллоҳ таоло айтади: “У сизларнинг қай бирингиз яхширок, амал қилишингизни синаш учун осмонлар ва Ерни олти кунда яратган Зотдир. Ўшанда Арши сув устида эди. (Эй Муҳаммад), агар «Ўлгандан кейин албатта қайта тирилтириласизлар» десангиз, куфр келтирганлар: «Бу сеҳрдан бошқа нарса эмас!» дейишади” (Ҳуд, 7).
Келгусидаги ояти карималарда Аллоҳ таоло мушрикларнинг мантиққа мутлақо тўғри келмайдиган сафсаталарини фош этиш учун Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги уч саволни беришни буюрди:
84. (Эй Муҳаммад), «Агар билсанглар, Ер ва ундаги жонзотлар кимники?» денг.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики,ўша мушрик кимсалардан “Агар ҳамма нарсани билсанглар, Ер ва ундаги жамики жонзотларнинг эгаси ким?” деб сўраб кўринг-чи! Улар наҳотки ўзлари топинаётган илоҳларининг энг оддий чивинни ҳам ярата олмаслигини билишмаса?! Ахир, уларнинг ширки бутун борлиқдаги ва шу жумладан Ер юзидаги махлуқотнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг кудрати ва ҳикматини инкор қилиш эмасми? Ибн Касир тафсирида шундай келтирилади: “Улар “Аллоҳ таоло ягонадир!” деб айтишадию, аммо ўзлари Аллоҳни қўйиб, бошқа илоҳларга сиғиниб юришади. Ваҳоланки, улар ўзлари сиғинаётган “илоҳ”ларнинг ҳеч нарсани ярата олмаслигини ҳам, уларнинг ҳеч қандай ҳукмронлиги йўқлигини ҳам яхши билишгани ҳолда ўз илоҳларини Аллоҳ билан ўзлари ўртасидаги шунчаки воситачилар деб ҳисоблашади”.
85. Улар: «Албатта Аллоҳникидир», дейишади. Сиз: «Наҳотки эслатма олмасанглар?!» денг.
Яъни, улар “Борлиқдаги ва Ер юзидаги ҳамма нарсанинг эгаси Аллоҳдир” дейишадию, аммо ўзлари Аллоҳга имон келтиришдан бош тортишади. Улар Аллоҳнинг буюк яратувчилик қудратига далолат қилувчи мўъжиза-аломатларни кўриб-билиб туришадию, лекин Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилишдан тийилишмайди. Бундан ортиқ мантиқсизлик, калтабинлик бўлиши мумкинми? Улар ҳамма нарсага ибрат назари билан қараганларида, Аллоҳнинг Ер юзидаги мўъжизалари ҳақида фикр юритганларида, Пайғамбарнинг насиҳатларидан эслатма олганларида Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, нозил қилган Китобига имон келтиришган, ҳақ йўл сари юзланишган, Аллоҳнинг динига кириб, шариатига амал қилишган бўлур эди.
86. «Етти осмоннинг Парвардигори, улуғ Аршнинг Парвардигори ким?» денг.
Эй Пайғамбарим, ўша мушриклардан «Етти осмоннинг Парвардигори, яратувчиси, тарбияткунандаси ким?» деб сўраб кўринг. Яна «Улуғ Аршнинг Парвардигори, яратувчиси, тадбирини қилувчиси ким?» деб ҳам сўраб кўринг. Етти қават осмонни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ярата олмаслигини озгина ақли бор одам яхши билади. Жумладан, ўша мушриклар ҳам тушуниб туришибди. Етти осмоннинг тадбирини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмаслигини ҳам бирор инсон, ҳатто ўша мушриклар ҳам инкор қила олишмайди. Шунингдек, инсонлар улуғ Аршнинг Парвардигори Аллоҳ эканини ҳам биладилар. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “(Эй Муҳаммад), шунда ҳам юз ўгиришса: “Менга Аллоҳ кифоядир, Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир, Унгагина суяндим, У улуғ Аршнинг Парвардигоридир” денг” (Тавба, 129).
87. Улар «Албатта Аллоҳдир», дейишади. Сиз: «Наҳотки, қўрқмасанглар?!» деб айтинг.
Пайғамбарнинг “Етти осмоннинг Парвардигори, улуғ Аршнинг Парвардигори ким?” деган саволига ўша мушриклар «Етти осмон ва улуғ Арш Аллоҳникидир», деб жавоб берадилар. Агар шунга ишонсанглар, ушбу ҳақиқатни тан олсанглар, унда нега ана шу осмонлар ва улуғ Аршнинг Эгасига имон келтирмайсизлар? Унинг Пайғамбари олиб келган рисолатни нечун инкор қиласизлар? Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни, улуғ Аршни яратишдаги қудратини кўра-била туриб ҳам Унга нега куфр келтирасизлар, турли бут-санамларни шерик қиласизлар? Бу қилмишларингиз учун У қиёмат куни сизларни аламли азоблар билан жазолашини билмайсизларми? Унинг охиратдаги итоби ва ғазаби, абадий қийноқларидан қўрқмайсизларми?
88. Сиз: «Агар билсангиз, барча нарсанинг ҳукмронлиги “қўли”да бўлган, Ўзи паноҳ берадиган ва Унга қарши ҳеч ким паноҳ бера олмайдиган Зот ким?!» деб айтинг.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, уларга: “Эй мушриклар, агар билсанглар, айтинглар-чи, дунёдаги ҳамма нарсанинг ҳукмронлиги “қўли”да бўлган Зот ким? Ҳаммани Ўз паноҳига оладиган, Ундан бошқа ҳеч ким паноҳ бера олмайдиган Зот ким? Яъни, хоҳлаган кишисини Ўз ҳимоясига ола биладиган, бошқалар Ундан ҳимоялана олмайдиган Зот ким?” деб айтинг. Модомики Ер ва етти осмон, улуғ Арш ҳам Аллоҳ таолонинг мулки бўлса, бутун оламларнинг мутлоқ ҳокими Унинг Ўзи бўлса, ҳаммага паноҳ бериб, Усиз ҳеч кимнинг паноҳланиши имконсиз бўлса, унда нега ҳақиқатни тан олмайсизлар? Шундай қудратли Зотнинг ўлган бандаларни иккинчи бор қайта тирилтира олишини нечун инкор қиласизлар? Бундай бузуқ эътиқод эгалари нодон, калтабин, гумроҳ кимсалар эмасми?
89. Улар: «Булар ҳам Аллоҳга хосдир», дейишади. Сиз: «Унда нега сеҳрланмоқдасиз?!» деб айтинг.
Мушрик кимсалар Пайғамбарнинг юқоридаги саволига “Сен айтаётган нарсаларнинг бари ҳам фақат Аллоҳга хосдир” деб жавоб қайтаришади. Агар улар буни тан олишаётган бўлса, унда нега куфр ва ширкка ботиб юришибди? Бу уларнинг сохта эътиқодлар билан сеҳрланиб қолишганидан эмасми? Борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳники эканини билиб туриб ҳам имонга келмаслик, Унинг амр-фармонларини бажармаслик сеҳрланиб қолишдан бошқа нарса эмас. Бунда Аллоҳга турли-туман бут-санамларни ширк келтирадиганлар ҳам, ўзлари аҳли китоб бўлатуриб, Аллоҳга баъзи шахсларни шерик қиладиганлар ҳам ўз хатоларида баробардирлар. Чунки уларнинг бари Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот бирор нарсани ярата олмаслигини, бирор имкониятга эга бўла олмаслигини билгани ҳолда Аллоҳнинг ваҳдониятига эмас, ширкка юзланишади.
90. Йўқ, Биз уларга ҳақни келтирдик, улар эса ёлғончилардир.
Аллоҳ таоло уларга охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳисса-лом орқали ҳақ динни, тавҳид динини жорий қилди, ҳақгўй, ишончли кишини пайғамбар этиб юборди, Ўзининг ҳақ Китобини нозил қилди. Агар ўша мушриклар исташганида Аллоҳнинг буюк яратувчилик қудратини намойиш қилувчи бошқа ҳужжат-далиллар ҳам етарли. Аммо улар ҳақни тан олиш, унга имон келтириш ўрнига ёлғон тўқиб, ўз ширкларини исботламоқчи бўлишади. Улар “Аллоҳнинг фарзанди бор”, “Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳлар ҳам бор” деган сафсаталари билан бошқаларни ҳам йўлдан уришяпти, ҳақ йўлдан адаштиришяпти. Улар ёлғон хаёлларга, шубҳа-гумонларга эргашувчилардир. Улар бу қилмишлари билан қиёматда Аллоҳнинг қаттиқ жазоси, аламли азобига гирифтор бўлишларини ўйлаб кўрсинлар!
91. Аллоҳ ҳеч бир фарзанд тутмаган, У билан бирга бирор илоҳ ҳам бўлмаган. Шундай бўлганида ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсаси билан кетиб, баъзилари баъзиларидан устун келар эди. Аллоҳ улар қилаётган васфдан покдир.
Замину осмонларнинг, бутун коинотдаги ҳар бир зарранинг ягона яратувчиси ва танҳо эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Унинг на ўғил-қизи, на бир шериги бордир. Агар ҳолат шундай бўлганида ҳар бир “илоҳ” ўз сиғинувчиларини эргаштириб, алоҳида қавм бўлиб олган, натижада ҳар бир тоифа бир-бирига душманлик қилиб, бири бошқасини йўқотиш пайига тушган бўлур эди. Шунда дунёнинг бутун низоми издан чиқиб, вақти келиб у ҳалокатга юз тутган бўларди. Лекин ҳолат бундай эмас, балки Аллоҳ ҳар қандай шериклардан мустаснодир. Аллоҳнинг шериги борлиги ҳақидаги ақиданинг нотўғрилигини шундан билиб олса ҳам бўлади. Аллоҳ таоло мушриклар васф қилаётган фарзанд тутиш, шериги бўлиш каби айбу нуқсонлардан пок Зотдир. Ширк балоси инсонни хайрли ишлардан узоқлаштириб юборгани боис, мушрикларнинг охиратдаги қисмати ҳам ўта аянчли бўлади: улар дунё ҳаётида Аллоҳга ишонмай, Унга кимларнидир ё нималарнидир шерик қилишгани учун энди ёлғиз Парвардигорнинг ҳузурида жам бўлишгач, ўзларини қаерга уришни, қилмишларига нимани баҳона қилишни билолмай, зиёнкорлардан бўлиб қолишади. Чунки ҳақиқатларнинг энг буюги Ундан бошқа илоҳ бўлмаган, Ундан бошқа Парвардигор бўлмаган, Ундан бошқа ҳукм юритувчи бўлмаган Аллоҳ таолодир. Ширк келтирганлар эса, Ундан бошқани илоҳ деб, Ундан бошқани парвардигор деб, Ундан бошқани ҳукм юритувчи деб билишади.
92. У Зот ғайбни ва ҳозирни билувчидир. У Зот уларнинг ширкидан олийдир.
Аллоҳ таоло ҳамма нарсани - ғайбни (кўринмас оламни) ҳам, ҳозирги замонни ҳам, махфий нарсаларнию ошкорини ҳам билувчи Зотдир. У Зот мушриклар ширк келтираётган нарсадан олийдир. Ўтмишни, ҳозирни ва келажакни билиб турувчи, бандаларининг хоҳ махфий, хоҳ ошкора ишларидан хабардор Зотга яна қандайдир сохта “илоҳ”ларни шерик қилиш кечирилмас гуноҳлардандир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилади ва унинг борар жойи дўзахдир. Золимларга ёрдамчилар бўлмайди» (Моида, 72). Аллоҳ таолога ширк келтириш, яъни Унга бирор махлуқни шерик қилиш, Аллоҳдан бошқа бут-санамларга, тош, дарахт, ой-қуёш кабиларга сиғиниш энг улкан гуноҳдир. Аллоҳ таоло банданинг гуноҳи қанча кўп бўлса ҳам мағфират этиши мумкин, аммо куфр ва ширкнинг гуноҳини асло кечирмайди.
93. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Парвардигорим, уларга ваъда қилинган нарсани менга кўрсатадиган бўлсанг;
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини “Мушрикларга ваъда қилган азобни менга кўрсатадиган бўлсанг, яъни уларга азобингни туширганингга гувоҳ бўлсам, мени ўша ўзига зулм қилган золим қавм орасида қолдирмагин!” деб дуо қилишга буюрмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бу амрда Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга келажакда бўлиши мумкин нарсадан паноҳ тилаб, дуо қилишни ўргатмоқда. Аллоҳ таоло айтади: «Ким имондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, - қалби имон билан ором топганда мажбурланганлар бундан мустасно - ким кўксини куфрга очса, уларга Аллоҳдан ғазаб ва улкан азоб бордир. Бу уларнинг дунё ҳаётини охиратдан устун кўйганлари ва Аллоҳнинг кофир ҳавмларни ҳидоят қилмаслиги сабаблидир. Ана ўшаларнинг ҳалблари, қулоқлари ва кўзларини Аллоҳ муҳрлаб кўйгандир. Ана ўшалар ғофиллардир» (Наҳл, 106-108).
94. Парвардигорим, мени ўша золим қавмлар ичида қилмагин».
Аллоҳ инсонлар ичидан танлаб олган пайғамбарлари қатори Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳлардан маъсумдирлар, у кишининг азобга дучор бўлмасликлари аниқ. Уламоларимиз Аллоҳ таолонинг оят нозил қилиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бу дуони ўргатишининг иккита ҳикмати борлигини айтишган. Биринчиси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавозуълари ва бандаликларини изҳор қилишдир. Иккинчиси: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига таълимдир. Қуръони каримда шундай таълим берилади: “Дарҳақиҳат, (эй Муҳаммад), сизга ва сиздан олдингиларга ваҳий қилинган эди: “Қасамёд этаманки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетади ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоласан” (Зумар, 65).
95. Биз уларга ваъда қилаётган нарсамизни сизга кўрсатишга албатта қодирмиз.
Яъни, «Эй Муҳаммад, Биз мушрикларга ваъда қилаётган азобимизни келтириб, уларни қандай азоблашни сизга кўрсатишга албатта қодирмиз. Бу Парвардигорингиз учун жуда осон иш, асло малоллик туғдирмайди. Чунончи, Аллоҳ азза ва жалла Бадр жангида Пайғамбарининг душманларига қилган азоб ваъдасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ва карамли саҳобаларига кўрсатиб қўйди. Ҳижрий иккинчи йили ўн еттинчи Рамазон кунидаги (милодий 624 йил 13 март) илк ғазот, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкарларининг маккалик мушрикларга қарши олиб борган жанги шу ном билан машҳур. Уни Катта Бадр ғазоти ҳам дейишади. Муҳорабада уч юз ўн тўрт мусулмон жангчиси душманнинг минг нафар аскарини мағлуб этган. Етмиш мушрик, шу жумладан уларнинг йўлбошчиларидан Абу Жаҳл ўлдирилиб, яна шунча киши асир олинган. Мусулмонлардан ўн тўрт киши шаҳид бўлган. Аллоҳ таоло бу кунни «Фурқон куни», яъни ҳақ ва ботил фарқланадиган кун, деб номлаган. Бадр ғазоти Ислом лашкарининг илк муҳим ва шонли зафари бўлди. Бу билан Ислом дини қувватланди, Мадина аҳли қурайшликларнинг ҳужумларидан қутулди.
96. Сиз эса ёмонликни гўзал муомала билан даф қилинг. Биз улар сифатлаётган нарсани яхши биламиз.
“Тафсири Жалолайн”да айтилишича, бу ҳукм жиҳодга амр нозил бўлишидан илгари эди. Яъни, эй Пайғамбар, сиз уларнинг ёмонликларига яхшилик ва гўзал муомала билан жавоб қайтаринг. Улар Бизни қандай ёмон сифатлар билан васф қилаётганларини билиб турибмиз. Улар билан Ўзимиз билиб ҳисоб-китоб қилиб оламиз.
Ато ибн Ясордан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо билан кўришиб қолдим. «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларидан хабар беринг», дедим. У: «Аллоҳга қасамки, у зот Қуръондаги баъзи сифатлари билан Тавротда ҳам сифатланганлар: «Эй Набий, албатта Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва уммийлар учун ҳимоя қўрғони қилиб юбордик. Сен бандамсан ва Расулимсан. Сени Мутаваккил деб номладим. У бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмас. У ёмонликни ёмонлик билан қайтармас, балки авф қилур ва кечирур. Аллоҳ унинг воситасида эгри (йўлдаги) миллатни «Лаа илааҳа иллаллоҳ» дейдиган қилиб тўғриламагунча уни асло қабз қилмас. У билан кўр кўзларни, кар қулоқларни ва берк қалбларни очади», деди» (Бухорий ривояти).
97. Сиз: «Парвардигорим, Сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ беришингни сўрайман!” денг.
“Шайтон” “шатин” сўзидан олинган бўлиб, “узоқ” деган маънони ифодалайди. Яъни раҳматдан, яхшиликдан узоқлашган, ёмонликни ўзига завқ манбаи қилиб олган маъносидадир. Шу сабабли баъзи ёмон одамларни ҳам “шайтон” дейишади. Бу ифода билан ўша инсоннинг шайтоний феъли борлиги назарда тутилади. Иблиснинг феъли ёмон бўлгани учун доимо шайтон, яъни раҳматдан узоқ деб номланди. Ҳар бир кишининг бир шайтони бор. Бу ҳақда саҳобалардан бири: «Эй Аллоҳнинг Расули, Сизда ҳам шайтон борми?» деб сўраганида: «Ҳа, менда ҳам шайтон бор. Аллоҳ таолонинг менга инояти билан у менинг қўлимда мусулмон бўлди», деганлар. Демак, ҳеч ким шайтоннинг ёмонлиги ва васвасасидан озод, холи, омонда эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолодан бизни кўнгилларга васваса солувчи жин ва одамлар шайтонининг ёмонлигидан асрашини сўрашга буюрилганмиз. Иблис алайҳилаъна шайтонларнинг отасидир. Барча шайтонлар ундан тарқалган. Шайтон макри жуда кучли, таҳликаси катта бўлгани учун Ҳақ таоло Ўз Ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Раббим! Мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан асрашингни сўрайман. Яна Сендан, эй Раббим, уларнинг менинг ҳузуримга келишларидан асрашингни сўрайман», деб айтишни буюради. Албатта, бу амр мусулмон уммат учун улуғ бир таълимдир. Банда «Аъузу биллаҳи...» (тааввуз)нинг маъносини билиб айтиш билан қалбини тозалайди. «Аллохдан паноҳ сўрайман» дейиш билан ўзининг ожизлигини эътироф этади. Куч ва кудрат эгаси фақат Аллоҳ субҳанаху ва таоло эканини тан олади, Унга ожизона илтижо қилади. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анху: «Аллоҳ таолога ҳамд бўлсинки, Унинг раҳматига етишишнинг ожизлиқдан бошқа чораси йўқдир», деганлар. Фиръавнга ўхшаш кимсалар ўзларидаги кудратни кўргач, Иблисга эргашиб Аллоҳ таолога сажда қилмадилар ва бундай қилишни ўзларига ор деб билдилар. Аллоҳ таолога тоат қилган зотлар эса сўзда ва амалда ожизликларини билган ҳолда, сажда ила, йўқлик ила ибодат қилишга интилганлар. Инсон ўзининг ожизлигини билганидагина нафснинг нуқсонларини кўради ва Парвардигорнинг куч-кудратини англаш, Уни улуғлаш саодатига эришади.
Шайтоннинг шарридан паноҳ сўраш қандай бўлади? Буни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламдан нақл этиб, шундай тушунтиради: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Қуръони каримни ўқиш олдидан “Аъузу биллаҳи Самиъил-ъалим мин аш-шайтонир-рожийм” деб Аллоҳ таолодан паноҳ сўрадим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол: “Эй Ибн Масъуд, сен “Аъузубиллаҳи минаш-шайтонир-рожийм” деб паноҳ сўра. Жаброил (алайҳиссалом) менга Қалам ва Лавҳул-Маҳфуздан шундай ўргатди”, деб марҳамат қилдилар”. Биз ҳам бугун Қуръони каримни ўқишни бошлашда шайтоннинг шарридан паноҳ беришини Аллоҳдан шу шаклда сўраймиз.
98. Парвардигорим, Сендан уларнинг ҳузуримга келишларидан паноҳ сўрайман».
Шайтон ёмонликлари туфайли Аллоҳ таолонинг раҳматидан қувилган, ёмон инсонларнинг дўсти, яхши инсонларнинг душманига айланган. Шайтонларнинг ҳаммаси ёвуз, кофир ва хоиндир. Фитратан ёмон бўлганлари учун доимо шарр (ёмон) ишларни қилишдан завқланишади. Шайтонларнинг макри жуда кучли, таҳликаси хатарли бўлгани учун Ҳақ таоло ушбу суранинг юқоридаги икки ояти орқали бандасининг булардан паноҳ сўраши ҳақида Ўз Пайғамбарига таълим берди. Албатта бу амр мусулмон уммат учун ҳам улуғ бир таълимдир. Шайтон турли васвасалар билан инсонларни ёмон ишларга, ёмон одамларга яқинлаштиради. Ҳатто кўпинча яхши нарсалар воситасида ҳам инсонни тўғри йўлдан адаштиради. Масалан, инсонни жуда кўп ибодат қилишга ундайди, унинг қалбида кибр ва ғурурни жунбушга келтиради, натижада банда ўзига ва қўл остидаги-ларга зулм қилади, уларнинг ҳалокатига сабаб бўлади. Тоат-ибодатдан мақсад банданинг ҳар хил риё, тамаъ каби иллатлардан йироқ ҳолда Аллоҳга ихлос билан юзланиши бўлса-да, шайтон турли воси-таларни ишга солиб, жоҳил кишини ғурурга ундайди ва фалокатга судрайди. Шу сабаб ориф зотлар бу каби васвасаларни қалбларига асло яқинлаштирмаганлар.
Шайтон кўпинча ибодатни кечиктириш, орқага суриш йўли билан ҳам инсонни ҳалокатга судрайди. Масалан “Ҳали ёш йигитсан, кексайганингда намоз ўқийсан” ёки “Намоз вақти эндигина кирди, бир оздан кейин ўқирсан”, деб алдайди. Кейин намозни ўқиётганида ҳам уни шошилтиради, рукуъ ва саждаларда адаштириб, намозни бузиб қўювчи, ҳеч бўлмаса, савобини камайтирувчи ҳаракатларга бошлайди. Шайтон закот, садақа бериш, холис ёрдам қилиш хусусларида ҳам қалбга иғво, васвасалар солиб, “Пулингни сақла, бирон кишидан сенга фойда йўқ, бир кун оч қолсанг, ҳеч ким юзингга қарамайди” деб яхшиликдан тўсади, бой кишини савоб ва раҳматдан узоқлаштиради.
99. Ниҳоят улардан бирига ўлим келган чоғда айтади: «Парвардигорим, мени қайтаргин;
Мушриклардан бири вафот этгудай бўлса, у Парвардигорга шундай сўзлар билан илтижо қилар экан: “Эй Парвардигорим, мени дунёдаги ҳаётимга қайтаргин, токи мен гуноҳларимга тавба қилай, берилган имкониятдан фойдаланиб солиҳ амалларни қилиб олай!”. Лекин ўша инсон ўлганидан кейин амаллар дафтари беркилишини, жон халқумга келганидан кейин тавба-тазарруга муҳлат қолмаслигини билганида бундай демаган бўларди. Дунёдалигидаёқ ҳақни таниб, гуноҳлардан тийилган, ҳидоят сари юзланган бўлар эди.
100. Шояд, ташлаб келган жойимда яхши амал қилсам». Йўқ! Бу ҳақиқатан у айтувчи бўлган сўздир. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир.
Бут-санамларни, сохта “илоҳ”ларни шерик қилган нодон кимсалар ўлим қаршиларига келганини кўргач, қайта тирилиш ҳақидаги ҳақиқатни тушуниб етишади, ҳолатнинг нақадар таҳликали эканини англашади, нажот ахтариб, ҳар ёнга аланглашади. Ҳеч бир ёрдам ололмагач, Парвардигорга ялинишга тушишади: “Эй Парвардигорим, мени дунё ҳаётига яна қайтаргин, зора ўша тарк этиб келган ҳаётимда солиҳ амалларни, яхши ишларни қилиб, Сенинг розилигингни топсам!”. Аммо бунинг иложи йўқ, тавба-тазарру вақти ўтиб бўлган, мушрик кимса буни ўлим талвасасида айтгани учун у фақат қуруқ сўзни сўзловчига айланган, холос. Унинг илтижонолалари эътиборга олинмайди ҳам. Улар бу дунёни тарк этиб, вафот этиб кетишдими, энди улар дунёга, олдинги ҳаётларига қайта олишмайди. Ортларида бир тўсиқ-парда пайдо қилинади. Ана шу тўсиқ “барзах”дир. Бу сўз луғатда «икки нарса орасида жойлашган» маъносини билдиради. Истилоҳда эса инсоннинг ўлимидан то қайта тирилгунича чўзилган муддат ёки ўрин тушунилади. Бу маънодаги «барзах» Қуръони каримда бир марта, ушбу ояти каримада ворид бўлган. Шунинг учун дунё ва охират олами ўртасидаги қабр олами «барзах» дейилади. Инсон вафот этганидан сўнг қабрга дафн қилинса ҳам ёки жасади топилмай дафн этилмаса ҳам, барибир барзах оламига ўтади. Инсон вафот этиб қабрга қўйилгач, барзахга ўтгач икки фаришта - Мункар ва Накир уни саволга тутади. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу: «Қабрда нажот топганга кейинги ҳоллар осон бўлади, нажот топмаганга кейинги ҳоллар янада даҳшатли бўлади», деб марҳамат этганлар. Кофир ва мушриклар бу ерда қиёматгача доимий азобда турадилар.
101. Сур чалинганида, ана ўша Кунда уларнинг ораларида на насаб қолади, на бир-бирларини суриштиришади.
Қиёматнинг қоим бўлганини билдириб, фаришта Исрофил алай-ҳиссалом сурни чалганида ҳамманинг ҳоли танг, ўзи билан ўзи овора бўлади: одамлар орасида ҳеч қандай насл-насаб алоқалари қолмайди, инсонлар ўз ота-оналаридан, ака-ука, опа-сингил, ҳатто суюкли фарзандларидан ҳам қочишади. Яқинларини сўраб-суриштиришга ҳам тоқатлари етмайди, уларга ёрдам кўрсатишнинг имкони топилмайди. “Тафсири Жалолайн”да келишича, Оламлар саййиди Муҳаммад алайҳиссалом: “Қиёмат куни барча насаб ва куёвлик алоқалари узилади, фақат менинг насабим ва куёвлигим сақланиб қолади”, дедилар. Бу сўзларни эшитган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу саййидимиз Алининг қизлари Умму Кулсумни никоҳларига олдилар ва қирқ минг дирҳам маҳр бердилар”.
102. Кимнинг тарозиси оғир келса, демак, ана шулар нажот топувчилардир.
Яъни, инсонга ўлим соати яқинлашгач, агар у мўмин бўлса, жаннатда оладиган мақоми, агар у куфр ва ширкда юрган бўлса, унинг дўзахдаги ўрни ўзига кўрсатиб турилади. У мана шу ҳолатида Парвардигорига рўпара қилинади. Амаллари адолат тарозисида тортилганидан кейин осийлиги учун баҳона-сабаблари ҳам, рўкач қилган даъволари ҳам ҳисобга ўтмайди. Энди у ортга қайта олмайди ҳам, чунки ўртада барзах-тўсиқ бор. Бугун унинг насаби ва бойлигидан сўроқ қилинмайди, аҳволи билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Ким имонда бўлсагина, солиҳ амаллари кўп чиқсагина нажот топади, зафарга эришади.
103. Кимнинг тарозиси енгил келса, демак, ана шулар ўзларига зиён қилишибди. Улар дўзахда мангу қолувчилардир.
Мезонда кимнинг тарозиси енгил келса, яъни уларнинг савоблари гуноҳларидан оз бўлса, бундайлар дунё ҳаётидаги осийликлари, куфру исёнлари учун қаттиқ азобга гирифтор қилинади ва улар бу қилмишлари сабабли ўзларига катта зиён қилган бўлишади. Улар энди дўзахда абадий жазоланишга маҳкумдирлар. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий ёзади: “Ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга: «Менга дўзахни сифатлаб бер», дедилар. Жаброил айтдилар: «Эй Муҳаммад, қоп-қоронғу, зулмат, агар игнанинг тешигидек тешик очилса, сўзсиз ер юзидаги ҳамма нарса куйиб кетади. Агар дўзах кийимининг биттаси осмон ва ер орасида осиб қўйилса, ер аҳли унинг сассиқлигидан ўлиб кетади. Агар зақкумдан бир томчи ерга ташланса, ер аҳлининг бутун ҳаёти бузилиб кетади. Агар Аллоҳнинг китобида зикр қилинган ўн саккизта фариштанинг биттаси ер аҳлига кўрсатилса, унинг бадбашаралигидан ва аъзоларининг ҳар хиллигидан ер ахли ҳаммаси ўлиб кетади. Агар Аллоҳ таоло Китобида зикри келган занжирларнинг бир бўлакчаси ерга ташланса, ерни энг пастигача бузиб юборади, кейин уни тиклаш мумкин бўлмайди». Сўнгра Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам: «Эй Жаброил, етади», деб йиғладилар. Жаброил ҳам йиғладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эй Жаброил, сен нега йиғлаяпсан, Аллоҳ хузурида сенинг ўрнинг бор-ку?». Жаброил алай-ҳиссалом айтдилар: «Эй Муҳаммад, мен Аллоҳнинг олдида бўлганим билан Ҳорут ва Морутни ёки малъун иблисни имтиҳон қилгани каби мени ҳам имтиҳон қилмаслигига ишончим йўқ».
104. Юзларини олов куйдиргач, улар у ерда бадбашара ҳолатда бўлишади.
Олтинхон тўра тафсирида ёзилишича, “Жаҳаннамда дўзахийларнинг бутун баданлари шишиб кетади, пастки лаблари осилиб, киндикларигача тушади, юқоридаги лаблари эса пешоналарига тегади. Тиллари осилиб, ерда судралиб юрганидан уни оёқлари билан босиб олишади. Юзларининг бадбашаралиги мана шудир”. Жаҳанамда кофирларнинг юзларини олов куйдириб, бадбашара бўлиб қолишлари имом Термизий ривоят қилган ҳадисда қуйидагича васф қилинади: «Олов устки лабидан бошининг ўртасигача, остки лабидан киндигигача куйдиради». Аллоҳ таоло айтади: “Қиёмат кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари корайган ҳолда кўрасиз. Дўзахда мутакаббир кимсалар учун жой бўлмасмиди!” (Зумар, 60).
105. “Сизларга оятларим тиловат қилинмаганмиди? Сизлар уларни ёлғонга чиқарган эмасмидингиз?!” (дейилганида);
Дўзахийлар мана шундай абгор ва ночор ҳолатда туришганида Аллоҳ азза ва жалла уларни итобга олиб, шундай дейди: “Эй дўзах аҳли, дунё ҳаётида Мен юборган пайғамбарлар сизларга оятларимни тиловат қилиб беришмаганмиди? Сизлар уларга имон келтириш, амр-фармонларимни бажариш ўрнига оятларимни инкор қилдинглар, сизларга рисолатимни олиб келган пайғамбарларимни ёлғончига чиқардинглар, уларга ҳар томондан қаршилик қилдинглар. Мана энди ана шу қилмишларингнинг жазосини тортиш вақти етди, итоатсизликларингиз учун дўзахда азобланишга гирифтор бўлдинглар”. Ана шунда улар ўз айбларига иқрор бўлиб, Парвардигорларига илтижо билан ёлборишгатушишади:
106. Улар айтишади: «Парвардигоримиз, бадбахтлигимиз ғолиб келиб, адашган қавм бўлган эканмиз;
Дунёда ёлғон деб юрган нарсаларининг рўёбга чиқиб, қиёмат даҳшатлари кўз олдиларида намоён бўлгач, улар дод-фарёд билан Парвардигорларига ёлборишга тушишади: “Бизлар ўз бадбахтлигимиз ва гумроҳлигимизга иқрормиз, энди бизни бу азоблардан қутқаргин, дўзахдан чиқаргин!”. Улар ўзларининг бадбахтликларини ҳам, адашганларини ҳам тан олишади, ўлаётган пайтдаги илтижоларини дўзахда туриб ҳам қиладилар. Аллоҳ таолодан ўзларини дўзахдан чиқариб, дунё ҳаётига қайтаришини сўрайдилар. Агар талаблари амалга ошса, аввалги гуноҳларини такрорламасликка ваъда ҳам берадилар.
107. Парвардигоримиз, бизни бундан чиқаргин, агар яна қайтадиган бўлсак, унда албатта золимлардан бўлурмиз».
Аммо уларнинг бу илтимослари бажо келтирилмайди, кечиккан надоматга ижозат ҳам берилмайди. Улар азоб ва қийноқларга чидай олмай, дўзахни қўриқловчи фаришта, яъни «дўзах молики»га ёлборишга тушадилар. Дўзахийлар ўзларига берилаётган азоблар алами ва шиддатига чидай олмай: «Эй Молик! Парвардигоринг бизга Ўз ҳукмини килсин (жонимизни олсин)», деб нидо килганларида, у (фаришта): «Сизлар (шу азобда мангу) қолувчидирсиз», дейди (Зухруф, 77). Қуръони каримда: «(Дунёда) кофирлар мусулмон бўлмаганлари учун (қиёматда) армонда бўладилар», дейилган (Ҳижр, 2).
Дўзахда мўмин-мусулмон абадий қолмайди. Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби ақидасига кўра, мўмин-мусулмонларнинг гуноҳкор бўлганлари қилмишига яраша дўзахда жазоланганидан кейин у ердан чиқарилишлари Аллоҳ таолонинг иродаси ва ҳукмидадир. Агар хоҳласа, Ўзи хоҳлаган бандаларини мағфират қилади ва Ўз фазли билан кечиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча: «Роббана атина фид дунйа ҳасанатан ва фил ахирати ҳасанатан ва қинаъазабан нар» (яъни: «Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликларни, охиратда ҳам яхшиликларни ато қил ва бизни дўзах азобидан сақла!») деб дуо ўқирдилар.
108. У айтди: «Унда хор бўлинглар ва Менга гапирманглар!».
Қиёмат куни келгач, Аллоҳ таоло куфр ва ширк эгаларининг бирор илтижосини қабул қилмайди, уларнинг дод-войларини эътиборга ҳам олмайди. Улар гуноҳларини тан олиб, ўзларига зулм қилганларига иқрор бўлишса ҳам Парвардигор уларга раҳм қилмайди. Аксинча, уларга қарата: “Энди дўзахда хор бўлинглар, инсон зотига номуносиб азобларимизни тотиб кўринглар. Энди вақт кеч бўлди, дунёга қайтаришни, гуноҳларингизга тавба қилишни сўраб, Менга гапириб ҳам ўтирманглар!” деб хитоб қилади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “(Эй Муҳаммад), уларни то ўзлари ҳалок килинадиган кунларига рўбарў бўлгунларича кўйиб беринг. Ўша кунда уларнинг ҳийлалари асло фойда бермайди, уларга ёрдам ҳам берилмайди” (Нажм, 45-46).
109. Аниқки, бандаларимдан бир гуруҳи: «Парвардигоримиз, Сенга имон келтирдик. Бизни мағфират қил, бизларга раҳм айла! Сен раҳм қилувчиларнинг яхшисисан», дер эдилар.
Ислом билан шарафланганлардан бир гуруҳи Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлган ҳолда У Зотга шундай илтижо қилишар эди. Шунда Макка мушрикларидан бир қанчаси уларни масхаралаб, устларидан кулишди ва шу тариқа уларнинг ўзлари Аллоҳ азза ва жалланинг мағфирати, раҳмати ва меҳрибонлигидан мосуво бўлишди. Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг мағфирати ва раҳматидан ҳамиша умидвор бўлиш, Унинг азобидан хавфда юриш киши имонининг комиллигидандир. Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам отамга меҳмон бўлдилар. Биз у зотга таом ва ҳийс қўйдик. Шунда ундан едилар. Сўнг хурмо келтирилди. У зот (хурмодан) ер ва данакни кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жамлаб, икки бармоқлари билан ташлар эдилар. Кейин ичимлик келтирилди. Уни ичдилар. Кейин уни ўнг тарафларидагига узатдилар. Отам у зотнинг уловлари юганидан ушлаганча: «Бизни дуо қилинг», деди. Шунда у зот: «Аллоҳим, уларга берган ризқингни баракали қилгин ва уларни мағфират қилгин, (уларга) раҳм қилгин», дедилар» (Муслим ривояти).
110. Шунда уларни масхара қилдинглар. Ҳатто бу сизларга Менинг зикримни унуттирди. Сизлар улардан кулардингизлар.
Аллоҳ таоло дўзахийларга хитоб қилиб айтяптики, дунёда мусулмон бандаларим қачон Менга дуо қилишса, истиғфор айтишса, зикрим билан машғул бўлишса, сизлар уларни масхаралаб кулган эдинглар. Ҳатто уларни ибодатимдан тўсмоқчи бўлардинглар. Мана шундай ҳийла ва мазахларингиз билан ўралашиб, ўзларинг Мени тамоман ёддан чиқардинглар, зикримни унутдинглар. Мана энди ана қилмишларингизнинг жазосини тортиш вақти келди. Дарҳақиқат, мушрик кимсалар ана шу найранглари билан овора бўлиб, Менинг зикримни бутунлай унутишди, мағфиратим ва раҳматимдан маҳрум бўлишди. Мушриклар мусулмонларни масхаралаш ўрнига ўзлари ҳам Менга имон келтириб, мағфират ва раҳматимни сўрашганида икки дунё саодатини қўлга киритган бўлишарди.
111. Мен бугун сабр қилганлари учун уларни мукофотладим. Улар ҳақиқатан ютуққа эришувчилардир».
Аллоҳ таоло яна айтяптики, мушрикларни қилмишлари учун қандай жазолаган бўлсам, мўминларга уларнинг мазах-озорларига сабр қилишгани учун савоб ва даражалар бердим, жаннатим билан мукофотладим. Сабр қилган мўминлар ҳақиқатан ютуққа эришишди, Менинг розилигимни топиб, икки дунё саодатини қўлга киритишди. Улар жаннат боғларида роҳат-фароғатда юришибди ва нима талаб-мақсадлари бўлса, бари уларга берилди.
Мусибат-озорларга сабр этиш Пайғамбаримиз Муҳаммад алай-ҳиссаломнинг ҳам улуғ сифатларидан эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ушбу ояти орқали у зотнинг умматлари бўлмиш сизу биз, мусулмонларга ҳам сабрни буюрган ва бунинг натижаси яхшилик билан тугаши хабарини берган. Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоху алайҳи васаллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми, етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Сабр-матонат ва бардош мўминларнинг энг яхши сифати, уларнинг шаънини улуғловчи гўзал фазилатларидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларининг бошларига бирор мусибат, бало ёки машаққат келганида фақат сабр қилишга буюради. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидам ва бардошга чақирилади, Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши, улар билан доимо биргалиги хабари берилади.
112. У: «Ерда қанча йил қолдинглар?» деди.
Аллоҳ таоло мушрик кимсалардан “Ерда қанча яшаб қолдинглар?” деб сўрамоқда. Яъни, сизлар ўша ўзингиз муҳаббат қўйган, қалбингиз билан қаттиқ боғланган дунё ҳаётида қанча йил умргузаронлик қилдинглар? Аллоҳ таоло бандаларининг Ер юзида қанча яшаганини яхши билиб турса ҳам, дунё ҳаётининг нақадар қисқа, вақтинчалик ва эътиборсиз эканини кўрсатиш учун шундай савол беряпти. Аллоҳ таоло айтади: “Бу дунё ҳаёти (озгина) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар, охират диёригина ҳақикий ҳаётдир” (Анкабут, 64).
113. Улар: «Бир кун ёки унинг ярмича қолдик. Ҳисоблаб турувчилардан сўра», дейишади.
Мушрик кимсалар Парвардигорларининг саволига нима деб жавоб қайтаришни билолмай, “Бир кунми, ярим кунми яшаганга ўхшаймиз. Сен буни ҳамма нарсанинг ҳисоб-китобини олиб борувчи фаришталарингдан сўра!” дейишди. Ҳақиқатан, дунё ҳаёти жуда қисқа, кечагина бола бўлган эдик, мана бугун кексалик ёшига етдик. Дунё ҳаётининг барча шодлик ва лаззатлари кўз очиб-юмгунча ўтиб кетади, фақат гуноҳлари қолади. Атоқли тобъинлардан Ҳасан Басрий саксон йилга яқин умр кўрди, унинг илмидан, ҳикматларидан кўплар баҳра олди. Авлодларга бебаҳо мерос қолдирди. Дунё ва унинг ҳолати хусусида сўровчига қайтарган жавоблари Ҳасан Басрийнинг пурмаъно ҳикматлари жумласига киради: «Мендан дунё ва охират ҳақида сўрадинг. Дунё ва охират машриқ ва мағриб ҳолатига ўхшайди. Уларнинг бирига қанча яқин борсанг, иккинчисидан шунча узоқлашасан! Сен мендан бу дунёга тавсиф беришимни сўрадинг. Мен аввали азоб-уқубат, охири йўқлик бўлмиш бу дунёнинг нимасини тавсиф қилайин! Унинг ҳалолида сўроқ, ҳаромида азоб бор. Бунда ким бойиса, фитнага дучор бўлади, кимки қашшоқлашса, уни маҳзунлик эгаллайди».
114. У айтди: «Агар билган бўлсанглар, жуда оз қолдинглар»;
Аллоҳ таоло айтяптики, агар англаб-тушуниб етган бўлсанглар, дунё ҳаётида жуда оз ҳаёт кечирдинглар, чунки Биз бу дунёни охиратга элтувчи вақтинчалик қароргоҳ, бандаларимиз учун имтиҳон олами қилганмиз. Энди охиратда кўрадиган кунларингизга нисбатан дунёда жуда оз вақт қолдинглар. Ҳақиқатан дунё Аллоҳ наздида пашша қанотичалик қийматга эга бўлса эди, кофирга ундан бир чимдим ҳам берилмас эди. Аллоҳ хузурида мақсадсиз дунё эътиборсиз бўлгани учун ҳам у мўмин ёки кофир дейилмасдан ато қилинаверади. Куръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Улар охиратдан ғофил ҳолларида фақат (шу фоний) дунё ҳаётининг ташқи кўринишинигина билишади” (Рум, 6). Аммо дунё ва охират учун бирдек манфаатли бўлган шаръий таклифларни эса фақат мўминга беради. Мўминга шаръан буюрилган нарсалар жумласига балоларга сабр, мусибатларга табассум, нохушликларга розилик ҳам киради. Мўмин булар билан гуноҳларидан фориғ бўлиб, Буюк Аллоҳ хузурида олий мақомларга эришади.
115. ёки сизларнинг гумонингизча, сизларни беҳуда яратдигу, сизлар Бизга қайтарилмайсизми?!».
Аллоҳ таоло уларга шундай хитоб қиляпти: эй мушриклар, сизлар гумон қилаётгандек, наҳот сизларни беҳудага, ҳеч бир мақсадсиз яратган бўлсак? Наҳотки, сизлар охиратда Бизга қайтарилмасангиз?!
Ибн Касир тафсирида шундай келган: “Сизлар худди ҳайвонлар каби фақат ейиш, ўйин-кулги, кўнгилхушликлар билан ҳаётингизни совурсангиз-да, бунинг учун мукофот ҳам, жазо ҳам берилмайди” деб ўйлаяпсизларми?!”
116. Ҳақ подшоҳ - Аллоҳ юксакдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У карамли Аршнинг Парвардигоридир.
Ҳақ ҳукмдор - подшоҳ Аллоҳ таоло шунчалар улуғки, ҳеч бир зот яратишда Унга тенглаша олмайди. У шунчалар қудратлики, бутун борлиқни, ундаги бор мавжудотларни ёлғиз Унинг Ўзи яратган ва илоҳий низоми билан бошқариб туради. У яратиш ва ҳукмронликда ягона бўлгани учун Унга қандайдир “илоҳ”ларни, бут-санамларни шерик қилиш ўта қабоҳатдир, оғир гумроҳлиқдир. Аллоҳ таоло бандаларини фақат Ўзига сиғинишга, ибодат қилишга, Ўзидан бошқаларни Аллоҳга шерик қилмасликка буюрган. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш, бирор нарсани У зотга тенг билиш, Аллоҳдан бошқалардан ёрдам ва мадад кутиш ширк саналади ҳамда бу гуноҳларнинг энг каттасидир. Ширкнинг гуноҳи шунчалик улканки, Аллоҳ таоло Ўзининг фазли-мағфирати билан бандаларининг ҳар қанча гуноҳи кўп бўлса ҳам кечириши мумкин, аммо ширкнинг гуноҳини кечирмайди. Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир, У карамли Аршнинг ҳам Эгаси ва Парвардигоридир.
Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Келишига шубҳа бўлмаган кун - қиёмат куни Аллоҳ одамларни жамлаганда нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалига бирортани шерик қилган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин! Албатта, Аллоҳ шерикларнинг ширкидан беҳожатидир!» деб нидо қилади» (Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривояти). Бошқа оятларда улуғ деб васф қилинган Арш ушбу оятда «карамли» деб васф қилинмоқда. Чунки Аллоҳнинг раҳмати, хайру баракаси Арш орқали тушади. Аршнинг ўзи карамли бўлгач, унинг Парвардигори эса карамлиларнинг карамлисидир.
117. Ким ўзида ҳеч бир далил бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа “илоҳ”га илтижо қилса, энди унинг ҳисоб-китоби фақат Парвардигорининг ҳузуридадир. Албатта кофирлар нажот топишмайди.
Аллоҳга турли сохта илоҳларни, бут-санамларни шерик қилганлар ҳеч бир далил-ҳужжатсиз ширк келтирган бўлишади. Бундай одамлар билан Аллоҳ таоло Ўзи қиёмат куни билиб ҳисоб-китоб қилади. Катта ширклар мўминни Ислом миллатидан чиқаради,уни қилган одам агар шу ҳолатида ўлса, абадий дўзахда қолади. Имом Мотуридий: “Бизнинг наздимизда, Аллоҳ таоло мўминларга ширқдан бошқа гуноҳларнинг кечирилиши мумкинлигига умид берган. Ихтиёр Аллоҳ азза ва жалланинг ўзида: хоҳласа - кечиради, хоҳласа - азоблайди. Шу боис ширкдан бошқа гуноҳлар учун мағфиратдан умидвор бўлиш ақлан жоиздир”, дейди. Уламолар: агар банда чин тавба қилиб, гуноҳлардан тийилса, Аллоҳ таоло унинг ширқдан бошқа барча гуноҳларини кечиради, деб ижмоъ қилишган. Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таборака ва таоло: «Мен шерикларнинг ширкидан беҳожатиман. Ким қилган амалида Мендан бошқани Менга шерик қилса, уни ҳам, ширкини ҳам тарк қиламан», деди» (Муслим ривояти).
Суранинг аввалида мўминларнинг албатта зафар топишлари айтилган бўлса, охирида эса мўминларга Парвардигордан мағфират ва раҳмат сўраш ўргатилмоқда.
118. (Эй Муҳаммад), «Парвардигорим, мағфират қил, раҳм айла! Сен раҳм қилувчиларнинг энг яхшисисан», деб айтинг.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ушбу ояти каримада баёни келган дуо билан илтижо қилишни буюрмоқда. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики бирортангиз намозгоҳида экан, таҳорати синмагунча фаришталар унга: «Аллоҳим, уни мағфират қил! Аллоҳим, унга раҳм айла!» деб салавот айтиб туришади. Уни (намоз) тутиб турар экан, аҳлига қайтишдан намоздан бошқа нарса тўсмас экан, намозда бўлади», дедилар» (Бухорий ривояти).
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий солл аллоҳу алайҳи васалламга: «Менга бир дуо ўргатинг, намозимда ўша дуони қилай», дедим. У зот шундай дедилар: «Аллохумма, иннии золамту нафсии зулман касиирон ва лаа йағфируз-зунууба иллаа анта, фағфирлии мағфиротан мин ъиндик варҳамнии, иннака антал ғофуурур роҳиим», дегин». Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, мен нафсимга кўп зулм қилдим. Гуноҳларни фақат Сенгина мағфират қиласан, мени Ўз ҳузурингдан бўлган мағфират ила мағфират қилгин ва менга раҳм қилгин. Зотан, Сен Ўзинг Ғафурсан, Роҳиймсан» (Бухорий ривояти).