Мадинада нозил бўлган, 78 оятдан иборат.
Ҳаж - Ислом арконларидан бирининг номи, Қуръони каримнинг йигирма иккинчи сураси шундай аталган, Мадинада нозил бўлган, 78 оятдан иборат. Сурада қиёмат олдидаги ва ўша кундаги даҳшатлар, Аллоҳ амрларини бажарганлар ўша кунда хавф-хатарсиз бўлишлари, дин-имонсиз кишилар эса хор-расво бўлишлари зикр қилинади. Сурада динимиз арконларидан ҳаж ибодати ва «Кўҳна уй» - Байтуллоҳ хусусида батафсил баён қилингани учун у Ҳаж сураси деб аталади. Ушбу сураи карима ҳам ўзга маданий суралар каби шариат ҳукмлари ҳақида сўз юритади. Шу билан бирга, унда маккий сураларга хос хусусиятлар ҳам яққол кўзга ташланади. Имон, тавҳид, таҳдид, огоҳлантириш, қайта тирилиш, мукофот ва жазо масалалари муолажа қилинади. Бу сура Набий соллаллоху алайҳи васаллам Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин жорий этилган шаръий ҳукмлар ҳақида сўз юритади. Жумладан, имон-эътиқодни, дину диёнатни ҳимоя қилиб Аллоҳ йўлида душманлар билан урушиш, жидду жаҳд қилиш каби масалаларга тўхталади.
Ҳаж сурасининг аввалида қиёмат қойим бўлишидан олдин рўй берадиган қаттиқ зилзила қалбларни ларзага солиши, ақлларни бошдан учириши, инсоннинг хаёлини паришон қилиши, ҳатто эмизикли аёллар болаларини ҳам унутиб юборишлари, ҳомиладорлар ҳомиласини ташлаб қўйиши ва бошқа ҳолатлар тасвирланади. Сўнгра қайта тирилиш, савол-жавоб, жазо ва мукофот ҳақида сўз кетади. Ким яхшилик қилган бўлса, яхшиликка эришиши, ёмонлик қилган бўлса, ёмонликка етишиши баён этилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман
1. Эй одамлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро, қиёматнинг зилзиласи улкан нарсадир.
Аллоҳ таоло инсонларга хитоб қилиб, фақат Ўзидан қўрқишга чорлаяпти, улкан зилзилалари бўладиган қиёмат ҳақида огоҳлантиряпти. Қиёмат яқин қолганида содир бўладиган айрим белгилар асосан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида зикр қилинган. Қиёмат қоим бўлиши олдидан уларнинг юз бериши муқаррар, шубҳасиздир. Лекин қиёматнинг ўзи қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Қиёмат тўсатдан, кутилмаганда келади, эҳтимол жуда яқин қолгандир? Уламолар ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўрганиб, Даббатул арз (Ер махлуқи, жонивори), Яъжуж-маъжуж, Дажжолнинг чиқишини; Исо алайҳиссаломнинг тушишларини; Ямандан олов чиқиши ҳамда кучли зилзилалар ва тўфонлар бўлишини қиёмат аломатларидан санашган. Уларнинг айтишларича, қиёматнинг улкан зилзиласи иккитадир: бири қиёмат олдидан, иккинчиси эса қиёмат куни бўлади. Аллоҳ таоло бандаларни огоҳлантиряптики, қиёмат соати тобора яқинлашмоқда, сизлар эса ғафлатдасизлар, унга тайёргарлик кўрмаяпсизлар. Имонга келиш, ҳидоятга юзланиш, Аллоҳнинг амр-фармонларини бажаришга киришиш пайти келмадими? Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), сиздан қиёмат қачон бўлишини сўрашади. Сиз айтинг: «Бунинг илми факат Парвардигорим ҳузуридадир, уни ўз вақтида Ўзи ошкор қилади, осмонлару Ерга жуда оғир бўлади, сизларга тўсатдан келади», денг. Буни худди сиз биладигандек сиздан сўраша-ди, «Бунинг илми Аллоҳ ҳузуридадир, лекин кўплар билишмайди - (Аъроф, 187).
2. Уни кўрадиган Кунингизда ҳар бир эмизувчи эмизиб турганини унутади, ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлайди. Одамларни “маст” ҳолда кўрасиз, ҳолбуки улар маст эмаслар. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.
Қиёмат аломатларининг ҳаммаси юзага чиқса, Аллоҳнинг иродаси билан қиёмат қойим бўлади. Исрофил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан биринчи марта сурни пуфлаганда ҳамма ерга қулайди ва жон таслим қилади. Иккинчи бор сурни пуфлаганида барча яратилган махлуқлар қайта жонланиб, тирилтирилади, қандай ҳолда ўлим топганидан қатъи назар, тик турган ҳолида бундан кейин нима бўлишини интизорлик билан кутади. Қиёмат қоим бўлганида рўй берадиган қаттиқ ҳолатлар қалбларни ларзага солади, ақлларни бошдан учиради, инсон хаёлини паришон қилади. Ҳатто аёллар эмизикли болаларини унутиб юборади, ҳомиладорлар ҳомиласини ташлайди ва бошқа қўрқинчли ҳолатлар юзага чиқади. Қиёмат кунининг даҳшати кучлилигидан ҳар бир киши фақат ўзини ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю, эр-хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб, бир-биридан қочади. Ёнидаги одам эркакми, аёлми, яланғочми, кийинганми - эътибор ҳам бермайди. Инсонларни гўё маст деб ўйлайсиз, ваҳоланки бу даҳшатли кунда ҳеч ким маст бўлишни ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳамма маҳшар майдонида тўпланганида банда-ларга номаи аъмоллари - бу дунёда қилган ишларини фаришталар ёзиб юрган китоблари берилади. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, катта-кичикка ажратилмай ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинади, қиёматда инсонлар дунё ҳаётида қилган ҳар бир яхши-ёмон амаллари бўйича жавоб беришади. Қиёмат куни фақат савол-жавоб билан кифояланиб қолинмайди. Адолат тарозиси ўрнатилиб, ҳар бир инсоннинг қилган ишлари адолат тарозисига солиб, тортилади. Яхшилик қилган одамнинг палласи оғир келиши, яхшиликларининг мукофотини олиши, жойи жаннатда бўлиши ваъда қилинган. Кимнинг палласи енгил келса, ёмонлигининг жазосини тўлиқ жаҳаннамда олиши ҳам ваъда этилган.
3. Одамлардан Аллоҳ хусусида билмаган ҳолда тортишганлари ва ҳар бир бебош шайтонга эргашганлари ҳам бор.
Гумроҳ инсонларга нима бўлдики, қиёмат соатлари тобора яқинлашиб келаётган бўлса ҳам, ўша куни содир бўладиган даҳшатли ҳодисаларнинг хабари келиб турса ҳам, улар ўзлари билмаган нарсалар ҳақида тортишиб юришибди. Аллоҳга турли сифатларни тақашга, Унинг ҳақида бемаъни шубҳа-гумонларни тарқатишга уринишяпти. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ҳақида тортишиш энг катта гумроҳликдир. Унинг борлиги, бирлиги, қудрати ёки сифатлари ҳақида тортишиш энг катта жоҳилликдир. Бунинг устига, ўзи билмай туриб, ҳеч қандай далил-маълумотга эга бўлмай туриб тортишиш қабоҳат устига қабоҳатдир. Бундай тортишувларга, баҳсу мунозараларга журъат қилган киши жинлардан ёки инсонлардан бўлган итоатсиз, бебош шайтонга эргашган бўлади. Шайтонга эргашганларнинг оқибати эса маълум.
Араб тилидаги «шайтон» сўзи “куйиш, куйдирилиш, узоқ бўлиш” деб таржима қилиниб, “куювчи, ўтда қовурилувчи, раҳматдан ва яхшиликдан узоқлашган” маъносидадир. Шу сабабли баъзи ёмон одамлар ҳақида «шайтон» дейилганида ундаги шайтоний феъл-амал назарда тутилади. Шунингдек, ёвузлик ва фитналарга муккасидан кетган мушриклар ҳам шайтон дейилади. Шайтон (алайҳилаъна - унга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин) ўз ёмонликлари туфайли раҳматдан қувилиб, ёмон инсонларнинг дўстига, яхши инсонларнинг душманига айланган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Аниқки. шайтон сизларга душмандир, демак, уни душман тутинглар» деб марҳамат қилган (Фотир, 6). Шайтонларнинг ҳаммаси ёвуз, кофир ва хоиндир. Фитратан ёмон бўлгани учун доимо ёмон ишларни қилишдан завқланади. Ҳатто кўпинча яхши нарсалар воситасида ҳам одамни тўғри йўлдан адаштиради. Масалан, «Ҳали ёш йигитсан, кексайганингда намоз ўқийсан» ёки «Намоз вақти эндигина кирди, бир оздан кейин ўқирсан» деб аврайди. Намоз ўқиётганида ҳам уни шошилтиради, рукуъ ва саждаларда адаштириб, намозни бузиб қўювчи, ҳеч бўлмаса, савобини камайтирувчи ҳаракатларга ундайди. Шайтон закот, садақа, холис ёрдам қилиш хусусларида ҳам кўнгилга иғво, васвасалар солиб, «Пулингни сақла, бирон кишидан сенга фойда йўқ, бир кун оч қолсанг, ҳеч ким юзингга қарамайди», деб яхшиликдан тўсади, бой кишини савоб ва раҳматдан узоқлаштиради. Савдо-сотиқ ишидагиларга макр-ҳийла ва хиёнат йўлларини ўргатади. Бошига мусибат тушган кишини васваса қилади, оғзидан ёмон гаплар чиқишига сабабчи бўлади. Шайтон эркак ва аёлларни фаҳш ва зинога бошлайди, уларни ҳалокатга ташлайди. Одамларни ўғрилик қилишга ундайди, ғазаб ва шиддат пайтида мусулмонларнинг қалбига кириб, ҳалокатга судрамоқчи бўлади. Ҳатто шайтонлар жамоат намозида сафлар орасига кириб, намозни бузишга интилади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозда сафларни тўғриланглар, ораларингда очиқ жой қолдирманглар, то шайтон ораларингга кирмасин», деб кўп-кўп тайинлаганлар.
4. Унга битиб қўйилганки, уни дўст тутган кимсани, шубҳасиз, адаштиради ва дўзах азобига йўллайди.
Ким шайтонни дўст тутса, у албатта ўша одамни адаштириши шайтоннинг тақдирига битиб - ёзиб қўйилган қисматдир. Аллоҳ белгилаб қўйган тақдирга кўра у қиёматгача инсонларга душманлик қилади, ундан асло бирор яхшилик чиқмайди. Шайтон ўз иғвоси ва васвасаси билан ўзига яқин бўлганларни ҳидоят йўлидан адаштиради. Шу адаштириши билан уни дўзах томонга йўллаб қўяди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламинг ҳузурларида жанжаллашиб қолишади. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Мен бир сўзни биламан, бу кишилар ўша сўзни айтишса, икковининг ҳам ғазаб ўти сўнарди: бу сўз «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»дир” деб марҳамат қилдилар». Бу сўзларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ҳар доим, ҳар маконда айтиб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўраганлар. Аллоҳ субҳанаху ва таоло: «Эй Одам болалари, ота-оналарингизни авратларини ўзларига кўрсатиш учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, шайтон сизларни ҳам йўлдан оздирмасин. Чунки у ва унга ўхшашлар ўзингиз сезмаган томондан сизни кўриб туришади. Шайтонларни ҳакиқатан имон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз» (Аъроф, 27) деган. Ақлли киши ўзини шайтон алайҳилаънадан ва инсонларнинг шайтонларидан қутқариш учун жидду жаҳд билан курашиши вожиб. Абу Лайс Самарқандий шундай деганлар: «Шайтоний инсонлар жин шайтондан ёмонроқдир. Чунки жин шайтоннинг азия-ти васваса билан бўлади, шайтоний одам эса, у энг ёмон дўст, унинг азияти ҳар қадамда юзма-юз келиб туради. У доимо бандани тўғри йўлидан чалғитиш пайида бўлади». Мўмин киши буларни енгиш учун «Аъузу биллаҳ»нинг маъносини яхши тушуниб, ҳамиша Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши лозим.
5. Эй инсонлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, Биз сизларга баён қилиш учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнг алақадан, сўнгра битган-битмаган музғадан яратдик. Биз сизларни хоҳлаганимизча, маълум муддатгача бачадонларда қолдириб, кейин чақалоқ ҳолингиз-да чиқарамиз. Сўнгра вояга етказамиз. Сизлардан эрта вафот этадиганлари ҳам, билганларини билмай қоладиган даражадаги нотавон умрга етадиганлари ҳам бор. Ерни қақраган ҳолда кўрасизлар. Биз унга сув туширсаккина, у жонланиб кўпчийди ва турли гўзал жуфтларни ундиради.
Ҳаётда шундай инсонлар учрайдики, улар ўзларини яратган Парвардигор ҳақида, Унинг махлуқотларни қандай яратгани ҳақида билиб-билмай баҳсу мунозара қилишаверади, талашиб-тортишаверади. Охири ҳақиқатни топа олмай, турли гумон-шубҳалар гирдобига ғарқ бўлиб кетади ёки ўзларига ўхшаш инсонлар томонидан ўйлаб топилган сохта таълимотларга ишонишга ўтади. Ўша инсон ўйлаб кўрмайдики, бу ҳақда тортишиб ўтириш ўрнига ўзининг қандай яратилганига бир қарасин! Инсоннинг яратилиши, унинг нимадан яратилгани, одамзоднинг ўлгандан кейин қайта тирилиши ҳамиша ана шундай фойдасиз баҳс-тортишувлар мавзуи бўлиб келган. Агар инсон бу ҳақдаги илоҳий таълимотларни яхшилаб ўрганса, инсоннинг яртилиш босқичлари ҳақидаги асл маълумотларга мурожаат қилса, ҳақиқат қаердалиги осонгина маълум бўлиб қолади.
Мазкур масала ушбу оятда батафсил, атрофлича баён қилинмоқда. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига хитоб қилиб, “Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳага бораётган бўлсангиз, сизларни тупроқдан яратганимиз ҳақида тафаккур қилмайсизми?” демоқда. Яъни сизларнинг отангиз Одамни тупроқдан яратганмиз. Инсонни қуруқ тупроқдан яратган Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?! Инсонни йўқдан бор қилган ва унга жон берган Зот энди уни ўлимдан сўнг тирилтириб, ўзи олган жонни қайта кирита олмайдими?! Агар яна шубҳага борётган бўлсангиз, унда инсонни босқичма-босқич яратганимиз ҳақида ўйлаб кўринглар! Аввалда инсондан ному нишон ҳам йўқ эди. У отасининг нутфасидан - манийсидан дунёга келди. Бу манийда минглаб уруғлар бўлади. Улардан фақат биттасигина онанинг тухумига урчийди. Бошқалари йўқ бўлиб кетади. Оддий, кўзга кўринмас ушбу заррачалар билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор?! Ана шу заррадан одамни яратган Холиқ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?! Эр ва хотиннинг уруғлари бирлашиб-урчиб, алақага айланади. Арабча «алақа» сўзи аслида зулукни англатади. Яқин-яқингача бу сўз «қотган лахта қон» деб таржима қилиб келинган. Аммо илм ривожланиб, бачадондаги ҳомиланинг турли жараёнлари ўрганиб чиқилганда Қуръони каримда «алақа» деб аталган босқичдаги ҳомила бачадонга зулукдек ёпишиб туриши маълум бўлди. Алақанинг сурати ҳақиқий зулук билан солиштирилса, уларни мутлақо фарқлаб бўлмайди. Алақанинг саҳройи халқ тилида “ловия” деган маъноси ҳам бор, ҳақиқатан ҳомиланинг шу босқичдаги шакли ловияни ҳам эслатиб юборади. Сўнгра ҳомила ривожланиб, алақа шаклидан бир парча тишланган гўштга - музға ҳолатига ўтади. Ана шунда унга шакл киради. Шакл кирса, ҳомила битган бўлади, шакл кирмаса, битмай бачадондан тушиб кетади.
Юқорида баён қилинган босқичлар ўтганидан кейин Аллоҳ таоло хоҳлаганини онанинг бачадонида маълум муддатгача, туғилиш вақти келгунича қолдиради. Хоҳлаганини тушириб юборади. Демак, ҳомила нутфа, алақа ва музға босқичларидан ўтганидан кейин ҳам унинг ҳали одам бўлиш-бўлмаслиги аниқ эмас. Ана шу босқичлардан ўтказган Аллоҳ унинг бола бўлишини хоҳласа, онанинг бачадонида қолдиради. Хоҳламаса, тушириб юборади. Ана шуларга қодир Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?! Оят давомида айтиляптики, «Онангизнинг қорнидан чақалоқ ҳолингизда чиқарамиз». Туғиш нима эканини уни бошидан ўтказиб кўрган оналар билади. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, чақалоқнинг она қорнидан туғилиб, ёруғ дунёга тушиши осонликча кечмайди. Туғилган мурғак ва ожиз болани тарбиялаб катта қилишнинг машаққатларини ҳам ҳар бир ота-она яхши билади. Шундай қийин, мураккаб жараёнлар орқали инсонни дунёга келтира олган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
Ояти карима давомида Аллоҳ инсонларга хитоб қилиб марҳамат қиляптики, сизлардан чақалоқлик, болалик ва йигитлик пайтларидаёқ вафот этиб кетадиганлар ҳам бор. Ёки ҳаётда ҳамма нарсани билиб-ўрганиб, катта тажрибалар орттирган инсонлардан айримлари қариб-мункиллаб қолгач, хотиралари сусайиб, ҳатто билганларини унутадиган ҳолга келиб қолганларида улар ҳам вафот этишади. Инсон туғилибдими, бир куни вафот этиши бор. Вафот этибдими, қиёмат куни қайта тирилиши бор. Бу илоҳий ҳақиқатга асло шубҳа бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ азза ва жалла яна инсонларни қай тарзда қайта тирилтиришини зарбулмасал билан инсонларга баён этмоқда. Эътибор беринг, атрофингиздаги ер сувсизлиқцан қақраб ётибди, унда бирор гиёҳнинг униши амри маҳол. Шунда Аллоҳ осмондан сув туширса, яъни қор-ёмғир ёғдирса, ўша ўлик ерга жон киради, унда ҳаёт аломатлари пайдо бўла бошлайди. гиёҳлар униб чиқади, дов-дарахт яшнаб-гуллайди. Қиёмат куни инсонлар ҳам ана шу гиёҳлар каби ердан “униб” чиқишади. Бу илоҳий ҳақиқатга ҳам асло шубҳа бўлиши мумкин эмас.
6. Булар Аллоҳнинг ҳақлиги, Унинг ўликларни тирилтириши ҳамда У ҳамма нарсага қодирлигидандир.
Эй инсонлар, Одам наслини мана шундай босқичларда, йўқ ердан бор қилган, бир томчи ҳақир сувдан бу қадар мукаммал ва ва гўзал суратдаги инсонларни ярата олган Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни уларни яна қайтадан тирилтира олмасмиди? Осмондан раҳмат ёмғирларини ёғдириб, қақраб ётган ўлик ерларни тирилтиргани, уларни дарахт ва экинлар билан яшнатгани каби қиёматда У инсонларга ҳам худди шундай ҳаёт бағишлай олмасмиди? Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир, У истаган нарсасини қила олади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳнинг раҳмати (ёмғири) асоратларига - ерни “ўлгани”дан кейин қандай қилиб “тирилтиргани”га боқинг. У албатта ўликларни тирилтирувчидир, У ҳар нарсага қодирдир” (Рум, 50).
Агар бунга заррача шубҳаси борлар атрофларидаги Аллоҳ таолонинг мўъжизаларига боқсин, Унинг яратувчилик қудрати ҳақида тафаккур қилсин. Жуда кўп оқил инсонлар ҳаёт ва ўлим, ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақидаги далиллар билан танишганларидан кейин албатта Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига, Унинг ҳамма нарсага қодирлигига имон келтиришган. Аммо айрим тоифалар ҳамон инсонлар ўйлаб топган сафсаталарга ишониб, Аллоҳнинг ваҳдониятига ишонмай юришибди. Улар мана шу гумроҳликлари ва жоҳилликлари туфайли қиёматда қандай азобларга гирифтор бўлишларини англаб етишганида ҳидоят йўлига юз бурган бўлишарди.
7. Ва қиёмат шак-шубҳасиз келувчидир ва Аллоҳ қабрлардагиларни албатта тирилтиради.
Қиёматнинг келишига шубҳа қилиб, уни ёлғонга чиқариб юрганлар яхши билиб олишсинки, Аллоҳ ирода қилган муддатда у албатта қоим бўлади. Бунга ҳеч қандай шубҳа-гумон бўлиши мумкин эмас. Куфр ва ширк билан ўралашиб юрганларнинг энг катта адашуви айнан шу масалада: улар қиёматнинг келишини, ўша куни Аллоҳ азза ва жалла барча инсонларни қайта тирилтириб, уларнинг дунё ҳаётида қилган амаллари юзасидан ҳисобга тортишини инкор қилишади. Одамлар қиёматнинг келишига ишонадими-йўқми, барибир у албатта Аллоҳ белгилаган куни келади ва ўшанда гумроҳ инсонлар Парвардигорнинг ваъадаси ҳақ эканини тушуниб қолишади. Аммо унда кеч бўлади, гуноҳларга тавба қилиб олишга мутлақо имкон ва вақт қолмаган бўлади. Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Бирдан олдимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар. «Тўғри айтдинг», деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди. «Менга имон ҳақида хабар бер», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига имон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга имон келтирмоғинг», дедилар. «Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва: «Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар. «Менга қиёматдан хабар бер», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар. «Унинг аломатларидан хабар бер», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чўри ўз хожасини туғмоғлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у қайтиб кетди. Мен ҳам бирмунча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Жаброил эди, сизларга динларингиздан таълим бергани келибди», дедилар». Яна бир ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва «Албатта. Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор» оятини тиловат қилдилар” (Бухорий ривояти).
8. Одамлардан Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари бор, ҳолбуки уларнинг ўзи илмсиз, ҳидоятда эмас, бирор нурли Китоби ҳам йўқ.
Адашган кимсаларнинг жоҳиллигини қарангки, уларнинг ўзи дин илмидан бехабар, тўғри йўлни, Аллоҳнинг ҳидоят йўлини топа ҳам олмаган, яна қўлида даъволарини исботлашга ҳужжат-далил бўладиган Аллоҳ таоло ҳузуридан нозил қилинган бирорта самовий китоблари ҳам йўқ. Аммо шунга қарамай, улар Аллоҳ ҳақида тортишиб, мунозара қилишаверади, Унинг аслида бўлмаган сифатлари устида жанжал-можароларни авж олдиришаверади. Ваҳоланки, У Зот ҳақида тортишишлари учун илм, ҳужжат керак, тўғри йўлни, ҳидоят йўлини топган бўлиши керак. Саналган нарсаларнинг бирортаси уларда йўғу, аммо гумонларини рўкач қилиб, бефойда баҳсу мунозараларга зўр беришади. Бу энг хато йўлдир, қаттиқ адашувдир, туғёнга кетишдир.
9. Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун бўйин товлаб юрадиган ҳам бор. Унга бу дунёда шармандалик бор, қиёмат куни эса унга олов азобини тоттирамиз.
Яна бир тоифа одамлар ҳам борки, уларнинг ўзлари ҳақ йўлдан, ҳидоят йўлидан бўйин товлаб юришгани етмагандай бошқаларни ҳам Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун ҳаракат қилаверади. Бундай нобакор кимсаларнинг имондан, ҳидоятдан қочиб, бўйин товлаб юргани камлик қилгандай, энди улар атрофидагиларни ҳам адаштириш пайидан бўлгани учун уларга бу дунёнинг ўзида катта шармандалик бор. Тарихни кузатсангиз, Аллоҳнинг ҳақ йўлига қарши чиққан, бошқаларни ҳам шу йўлдан адаштирган кимсаларнинг бари шу дунёдаёқ расвоси чиққан, хору зорликда яшаб, шармандали ўлим топган. Аммо уларга бу дунёда расволик ёғилиши билан гуноҳларидан покланиб қолишмайди. Уларнинг бу дунёдаги машаққатлари ҳали охиратдаги азоб-қийноқлар олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдасига кўра, улар қиёматда дўзах оловида азобланишга гирифтордирлар.
10. Бу ўз қўлларинг тақдим қилган нарсалардан ва албатта, Аллоҳ бандаларга зулмкор эмаслигидандир.
Яъни, ўша куфрга кетган, Аллоҳ ҳақида бефойда тортишган кимсага «Бу дунёда расво бўлишингнинг, охиратда азобга йўлиқишингнинг сабаби ўз қўлларинг билан қилган гуноҳларингдир», дейилмоқда. Аллоҳ таоло бирор бандасига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам зулм қилмайди, адолатдан чекинмайди, ўша банданинг зарра миқ-дорича савоби ёки гуноҳини эътибордан четда қолдирмай, аниқ ҳисоб-китоб қилади. Шу қатори ўша тортишган ва шубҳага борган кимсаларга ҳам зулм кўрсатмайди, ноҳақ жазолмайди. Ояти ка-римада зикр қилинганидай, ҳамманинг қилмишига яраша, икки қўли билан қилган амалларига муносиб равишда мукофот ёки жазо берилади. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг зулмкор эмаслигидандир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Агар Аллоҳ одамларни зулмлари сабабли тутганида ерда бирор жонзотни қолдир-маган бўларди. Лекин уларни маълум муддатгача қўйиб беради. Ўша муддат келганида эса, уни бирор соат ортга ҳам, олдинга ҳам сура олишмайди” (Наҳл, 61). Аллоҳ ҳақида ноўрин тортишадиган, ўлгандан кейин қайта тирилишга шубҳа қиладиганларнинг зикри тугаганидан кейин энди динимизга зарар беришда куфр ва ширк эгаларидан ҳам хатарли бўлган мунофиқларнинг васфига ўтилади.
11. Одамлардан Аллоҳга бир ёқлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, шу сабабли хотиржам бўлади. Агар унга мусибат етса, юз ўгириб кетади. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўради. Бу эса очиқ-ойдин зиёндир.
Мунофиқлар Исломга киришар экан, ундан фақат бир нарсани - ундан ўзларига яхшилик, фойда етишини кўзлайдилар. Исломга киргандан кейин мақсадга эришсалар, хотиржам юрадилар. Аммо кўзланган фойдаларига ета олмасалар, ундан юз ўгириб, динни тарк этадилар. Улар бу қилмишлари билан икки дунёда ҳам зиён кўрадилар. Ислом савдо-тижорат воситаси эмаски, унга шахсий манфаатларни кўзлаб кирилса! Ислом - имон, эътиқод, Аллоҳга бандалик қилиш, Унинг йўлида жонни ҳам, молни ҳам фидо этиш, ҳар хил мусибатларга бардош бериш, демакдир. Мана шу синовлардан ўтганлар икки дунё саодатига мушарраф бўладилар. Муфассирлар шундай дейишади: “Бу ояти карима аъробийлар (саҳройилар) ҳақида нозил бўлган. Улар саҳродан Мадинага - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ҳижрат қилиб келишган эди. Уларнинг баъзилари Мадинага келиб, соғлиғи яхши бўлса, оти қулунласа, хотини ўғил туғиб, моли кўпайса, яшаш шароити яхшиланса, хотиржам бўлиб, имонида содиқ турар, “Бу динга кирганимдан бери фақат яхшилик кўрдим”, дер эди. Агар Мадинада тарқалган касалликлардан бирига чалинса, хотини қиз туғса, бияси бола ташласа, мол-мулки камайиб қолса, нафақа ё садақа берилмай қолса, унга шайтон келиб, “Аллоҳга қасамки, шу динга кирганингдан буён фақат ёмонлик кўрдинг”, деб фитнага соларди. Охири у васвасага тушиб, динидан қайтарди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди”.
Атийянинг Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, “Яҳудийлардан бир киши Исломга кирганидан кейин кўзи кўр бўлиб қолди, моли қўлдан кетди, фарзанди ўлди. У бунда Исломни сабаб қилиб шумланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Мени (Исломдан) озод қилинг”, деди. У зот: “Ислом бекор қилинмайди”, дедилар. У: “Мен шу динга кирганимдан бери ҳеч бир яхшилик кўрмадим, кўзим кўр бўлди, мол-мулкимдан ажрадим, болам ўлди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй жухуд, олов темир, олтин ва кумушни турли қўшимчалардан ажратганидек, Ислом ҳам одамларни ажратиб олади”, дедилар ва ушбу оят нозил бўлди”.
12. У Аллоҳни қўйиб, ўзига зарар ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган нарсага илтижо қилади. Ана шунинг ўзи қаттиқ адашишдир.
Юқоридаги зикри келган тоифалар барча замон ва маконларда ҳам бўлган. Бундайлар ўзларига келиб турган фойда салгина камайиб қолса, дарров Аллоҳни унутишади, ўша фойда келтирувчи нарсанинг ортидан қувиб кетишади. Аллоҳга тоат-ибодат қилиш ўрнига бутларга сиғинишни бошлаб юборишади. Бу қилмишлари билан гўё Аллоҳ бермаган нарсаларни улардан умид қилишади. Ваҳоланки, улар сиғинаётган нарсаларнинг фойдасидан кўра, зарар ва нуқсонлари кўпроқ. Ўша фойда кутаётганларининг манфаати вақтинчалик бўлса, Аллоҳники боқийдир, ҳамишаликдир. Аллоҳдан ўзгага сиғиниш, улардан ёрдам сўраш ёки берадиган фойдасидан умидвор бўлиш энг қаттиқ залолатдир, тўғри йўлдан адашишдир. Аммо кўплар ҳидоят йўли тургани ҳолда залолатни танлаб, икки дунёларини бой беришмоқда. Аллоҳ таоло айтади: “Инсонга бирор зиён етпганида у Парвардигорига тавба-тазарру билан дуо қилади. Сўнгра У Ўз томонидан унга бирор неъмат ато этганида эса, илгари қилган дуоларини унутиб кўяди ва Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун Унга “тенг”ларни топади. (Эй Муҳаммад), айтинг: “Сен ўз куфринг билан озгина фойдаланиб кол! Сен албатта дўзах аҳлидандирсан!” (Зумар, 8).
13. У фойдасидан кўра зарари яқинроқ бўлганга илтижо қилади. У нақадар ёмон хожа ва нақадар ёмон ҳамдамдир!
Инсон табиатан ҳамиша ўз фойдасини кўзлайди. Биров унга яхшилик қилса ёки бирор туҳфа берса, дарров ўша кишини яхши кўриб қолади, атрофида айланади, хушомадлар қилади. Бордию ўша киши қилаётган яхшилигини тўхтатиб қўйса, инсоннинг ҳолати тезда ўзгаради, ҳомийсидан юз ўгиради, муносабатларни узади, ҳатто уни ёмонлашга киришади. Бу-ку, инсонларнинг ораларидаги ўзаро муносабатларда учрайди. Энди Аллоҳ билан банда ўртасидаги ҳолатни кузатадиган бўлсак ҳам худди шундай манзарага дуч келамиз. Аллоҳ ризқ, ато ва марҳаматларини кўпайтириб, бардавом бериб турса, банда Унинг амрини бажаришга киришади. Бордию бу неъматлар салгина узилиб ёки тўхтаб қолса, банда зудлик билан Парвардигорини унутади, ўзига бошқа ҳомийлар ва ёрдам берув-чиларни излашга тушади. Аллоҳга ибодат қилмаган, Унинг амрига итоат этмаган кимса Аллоҳдан бошқа нимагадир ёки кимгадир итоат-ибодат қилишни бошлайди. Балки бу нарса бут-санамдир. эҳтимол, ўзининг ҳавойи нафси ёки молу дунё ёхуд бир мансаб бўлар, балки у ҳукмдор подшоҳга, бирор тузум ёхуд тоифага сиғинар? Лекин бу нарсаларнинг ҳаммаси инсонга ҳақиқий фойда ёки зарар етказа оладими? Аллоҳ томонидан келган зиённи даф қила оладими? Албатта, йўқ! Демак, Аллоҳ таолони - ҳар бир нарсага қодир Зотни қўйиб, ҳеч нарсага қудрати етмайдиган нарсага илтижо қилган кимса ўз фойдасини қўйиб, зарари яқинроқ нарсага ёки шахсга илтижо қилган бўлади. Лекин ҳозиргача ҳеч ким бунда фойдага эришган эмас, Аллоҳдан ўзга ишониладиган, илтижо қилинадиган нарсалар асло манфаат бермайди. Аммо уларнинг зарари етиши аниқ.
14. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни Аллоҳ остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киритади. Аллоҳ истаганини албатта қилади.
Юқорида мушриклар ва мунофиқларнинг қиёмат кунидаги аҳволлари баён этилганидан сўнг энди Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, Китобига имон келтирганларнинг аҳволлари ва васфлари зикр қилинади. Куфр йўлини рад этиб, имон келтирган, имонида собит турган, яхши-солиҳ амалларни қилган бандалар дунёда ҳам, охиратда ҳам албатта яхшиликларга эришадилар. Бу яхшиликларнинг олий даражаси эса Аллоҳ таоло уларга ато этадиган, остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатлардир. Аллоҳ шундай қудратли Зотдирки, У хоҳлаган ишини қила олади, истамаганини қилмайди. Унинг адолати шунчалар улуғки, ҳар бир бандасининг ҳоли ва қилмишига яраша мукофот ёки жазо беради, бунда бирор кимсага зулм қилмайди, бировнинг амалини бошқасига қўшиб қўймайди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Хдммага қилган амаллари туфайли даражалар бордир. Уларга қилган амалларининг (мукофоти ёки жазоси)ни У тўла-тўкис беради ва уларга ноҳақлик қилинмайди” (Аҳқоф, 19).
15. Ким Аллоҳ унга дунё ва охиратда ёрдам беришига шубҳа қилса, бир арқон топиб, шифтга осилсин, сўнгра уни кессин. Шунда назар солсин-чи, унинг ҳийласи ғам-ғуссани кетказармикан?!
Яъни, агар бу куфр келтирганлар ва ҳасадгўйлар Оламлар саййиди Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғолибона зафарларига ичи куйиб, ўзини қўйгани жой топа олмай қолса, бир арқон билан ўзини уйнинг шифтига осиб, ўзини ўлдирсин ёки иложини топа олса, арқон ёрдамида осмонларга чиқиб кетсин! Агар шундай қилса, ғазаби камаярмикин ёки қилган иши ғамини озайтирармикин? Ушбу ояти кариманинг маъноси ҳақида муфассир уламолари икки хил фикр айтишган. Бу икки хиллик ояти каримадаги «Ким Аллоҳ унга дунё ва охиратда ёрдам беришига шубҳа қилса» жумласидаги «унга» сўзининг кимга ишора қилаётгани хусусидаги баҳсдан келиб чиққан. Баъзи уламолар “бундан мақсад шубҳа қилаётган шахснинг ўзи”, дейишади. Шу маъно оятнинг сиёқига ҳам тўғри келади. Олдинги оятда мўминнинг таърифи келтирилган эди, бу оятда эса кофирнинг ҳолати баён қилинмоқда. Кофир одам Аллоҳ ўзига ёрдам беришига ҳамиша шубҳа қилади. Бундай ҳолатда у ўзига ёрдам берилиши учун бир иложини қилиб восита топсинда, осмонга чиқиб, ёрдамни узиб олсин. Ёки ўзини ўзи оссин. Аллоҳга имони йўқ кишининг ҳоли шундай бўлади. Унинг бало-офатдан, ғам-ғуссадан қутулишга чораси йўқ. Аллоҳга имони бўлмагани учун Ундан ёрдам келишидан умид ҳам қилмайди. Шунинг учун ё осмонга чиқиб, ёрдам топсин ёки бундай қила олмаса, бир арқон билан ўзини шифтга осиб, ўлдирсин. Бундан бошқа иложи ҳам йўқ. Бошқа баъзи бир тафсир уламолари ояти каримадаги “унга”дан мурод ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир, дейишади. Яъни, ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ ёрдам беришини хоҳламаса, бир восита топиб, унга ёрдам келаётган осмонга чиқиб, ўша ёрдамни узиб-кесиб қўйсин ёки ўзини ўзи оссин. Шундан кейин ўша кимсалар кўришсин-чи, қилган ишларининг бирортаси бошларига келган ғам-ғуссаларни кетказишга қодир бўлармикин? Кофирлар ҳар қанча уринсалар ҳам, турли чораларни топиб, қўллаб кўрсалар ҳам, барибир Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам - нусрат бераверади. Кофирлар бунга чидай олмасалар, ўзларини ўзлари оссинлар. Барибир, Аллоҳ азза ва жалланинг ёрдами Пайғамбари соллаллоху алайҳи васалламга етиб келаверади.
16. Уни мана шундай очиқ-ойдин оятлар ҳолида нозил этдик. Аллоҳ Ўзи истаган кишини албатта ҳидоят қилади.
Қуръони карим - Аллоҳ таолонинг абадий мўъжизаси, охирги Китобидир, унда инсонларнинг имонга келишга, Аллоҳнинг амр-фармонларини бажаришга чорловчи очиқ-ойдин оятлар нозил бўлган. Аллоҳ таоло буни кишилар ўқиб-ўрганиб, ҳидоят топишлари учун шундай қилган. Ояти каримадаги “Аллоҳ Ўзи истаган кишини албатта ҳидоят қилади» жумласидан бир-бирини тўлдирувчи икки маъно келиб чиқади. Биринчиси: ҳидоятга киришни хоҳлаган кишиларни Аллоҳ албатта ҳидоят қилади, хоҳламаганларни мажбур қилмайди. Иккинчи маъно: Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилади, хоҳламаган кишиларни ҳидоят қилмайди. Аллоҳ таоло бу дунёдаги барча ишлар каби ҳидоят ва залолат масаласини ҳам турли сабабларга боғлиқ қилиб қўйган. Мазкур сабабларни ишга солганлар ҳидоят топишлари мумкин. Масалан, Аллоҳ инсонга ақл, тафаккур, қобилият берган, пайғамбар юборган, илоҳий китоб нозил қилган. Ана шулардан тўғри фойдаланган инсон ҳидоят топади. Лекин ҳидоятнинг асосий сабабчиси ўша воситалар эмас, балки Аллоҳ таолодир. Ўша воситалар ишга тушгандан кейин ҳам Аллоҳнинг иродаси бўлмаса, бирон киши ҳидоят топа олмайди. Чунки бу дунёда ҳар бир нарса Аллоҳнинг иродасига боғлиқ.
Аллоҳ таолонинг иродаси билан ҳозиргача Қуръони карим Аллоҳ таоло туширган илк ҳолида, ҳеч бир ўзгартиришсиз келмоқда, ўқилмоқда, ёдланмоқда ва ёзилмоқда. Қуръон Ислом динига оид барча ҳукмларнинг асосий ва биринчи манбаидир. Фақиҳлар бирор нарсанинг шариатдаги ҳукмини билмоқчи бўлсалар, албатта олдин Қуръонга мурожаат қиладилар. Ўша ўзлари излаётган ҳукм ҳақида Қуръонда бирор ҳукм бўлса, уни дарҳол қабул қиладилар. Ўша нарса Қуръонда бўлмаган тақдирда суннат, ижмоъ, қиёсга мурожаат қилишга ўтадилар. Аллоҳ азза ва жалла Ўз Китобида: «Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзларинг ўқиб-ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар» деб буюрган. Қуръон - олдинги илоҳий китобларнинг тасдиғи ва қиёматгача абадий қолувчи илоҳий Каломдир, чунки уни нозил қилган Зот уни асрагувчи ва сақлагувчидир. Қуръон мўминларни энг тўғри йўлга элтувчи, эзгу амалларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берувчи ҳужжатдир. “Мусулмонман” деган ҳар бир киши Қуръонни ўқиши, уни ўрганиши фарз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, у ҳалол қилган нарсани ҳалол билса, у ҳаром қилган нарсани ҳаром билса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади ва ўз аҳлидан дўзах вожиб бўлган ўн кишига шафоатчи қилади», деганлар. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадиси шариф Қуръони каримнинг васфини батафсил баён қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Огоҳ бўлинглар, албатта фитна бўлур!” деганларини эшитдим. Шунда: “Ундан қандай қилиб қутулинади, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. “Аллоҳнинг китоби билан. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг хабарлари ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва ораларингиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У ажратувчидир, ҳазил эмасдир. Ким бир жабр етказувчидан қўрқиб, уни (Қуръонни) тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдиради. Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади. У Аллоҳнинг метин арқонидир.У ҳикматли зикрдир.У энг тўғри йўлдир... Ким у билан гапирса, тўғрисўз бўлади. Ким унга амал қилса, ажр олади. Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилади. Ким унинг ила даъват қилса, энг тўғри йўлга йўлланади...”, дедилар».
17. Аллоҳ қиёмат куни имон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар, насоролар, мажусийлар ва ширк келтирганлар орасида Ўзи ажрим қилади. Аллоҳ ҳар бир нарсага албатта шоҳиддир.
Бу дунёда ҳар ким ўз билганича, ўзи истаган таълимотга суяниб яшаб ўтади. Ер юзини макон тутган инсонлар орасида имон ва ҳидоят топишга интилиб, Аллоҳнинг инояти билан мўмин-мусулмон ҳолида яшаб ўтганлар қаторида ҳақ йўлдан адашиб, турли эътиқод ва тузумларда яшаб ўтганлар ҳам бор. Ким бўлишидан қатъи назар. ҳамма бу дунёдаги ҳаётини яшагач, албатта ўлим топади. Дунёдалик чоғида ҳар ким ўз йўлини тўғри деб даъво қилиши мумкин. Демак, ким тўғри йўлда эканини ажрим қилиш охиратга қолади. Ушбу ояти каримада ана шу охиратга қолган ажрим ким томонидан, кимларга ва қачон бўлиши айтилмоқда. «Имон келтирганлар» - Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига, Аллоҳ нозил қилган самовий китобларга имон келтирган, ўзларига буюрилган амалларни адо этиб, Аллоҳнинг тоатида яшаб ўтган мусулмон бандалардир. «Яҳудий бўлганлар» - яҳудий динига эътиқод қилиб, шу дин талаблари асосида яшаган кишилар. «Собиийлар» - юлдузпарастлар, яъни осмон жисмларига сиғинувчилардир, “Тафсири Жалолайн”да буларни яҳудийларнинг бир фирқаси, дейилган. «Насоролар» - масиҳийлардир, яъни Исо алайҳиссаломга имон келтириб, Инжилга амал қилиб яшаганлар. «Мажусийлар» - оташпарастлардир. Олтинхон тўра тафсирида баён қилинишича, улар худони иккита дейишади, бири яхшилик худоси Яздон, иккинчиси ёмонлик худоси Аҳраман эмиш. Зардуштийлар ҳам оловга сиғинишгани учун оташпарастлардан саналади. «Ширк келтирганлар» - Аллоҳга ширк келтириб, турли бут ва санамларга ибодат қилувчилар. Бу тоифалар ўша пайтдаги, оятлар нозил бўлаётган минтақадаги машҳур тоифалар эди. Уларнинг ҳар бири ўзини ҳақ деб билар ва ўзгаларнинг йўлини нотўғри ҳисоблар эди. Ушбу ояти карима ҳаммага баробар равишда Аллоҳ таоло уларнинг ораларини қиёмат куни ажрим қилишини эълон этмоқда. Ҳаммасини У Зотнинг Ўзи билиб ажрим қилади. Аллоҳ таолонинг Ўзи мазкур тоифаларнинг эътиқодларига, ибодатларига ва қилмишларига ҳам шоҳиддир. Инсонлар турлича фикрда, эътиқодда, майл ва тасарруфотларда юравермай, мулоҳаза қилиб кўришса, улкан ҳақиқатга гувоҳ бўлишади.
18. (Эй Муҳаммад), осмонлардаги ва Ердаги бор жонзотлар, қуёш, ой, юлдузлар, тоглар, дарахтлар, жониворлар ва одамларнинг кўплари Аллоҳга албатта сажда қилишини кўрмадингизми? Кўпларга эса азоб ҳақ бўлгандир. Кимни Аллоҳ хор қилса, ҳеч ким уни азиз қилувчи бўлмайди. Аллоҳ хоҳлаганини албатта қилади.
Яъни, осмонлару Ердаги ҳамма мавжудот ва махлуқот ўзларини яратган Аллоҳ таолога шукрона сифатида сажда қилади. Уларнинг қандай сажда қилишини Аллоҳнинг Ўзи билади. Қуёш, ой, юлдузлар каби осмон жирмлари ҳам, тоғлар, дарахтлар, барча жониворлару инсонларнинг аксарияти ҳам ягона Парвардигорларига сажда қилишади. Шайтон алайҳилаъна Одамга сажда қилишдан бош тортгани учун лаънатга қолгани каби Аллоҳга сажда қилишдан бош тортганлар ҳам жазога гирифтор бўлади. Бундайларнинг кўпларига азоб ҳақ ва муқаррар бўлган. Кимни Аллоҳ хор қилишни ирода қилган бўлса, уни саждадан маҳрум қилиб қўяди. Охиратда уни азиз қилувчи ҳеч бир зот бўлмайди.
Ушбу ояти карима ҳам Қуръондаги сажда оятларидандир. Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтиш керакки, ҳанафийлиқцан бошқа мазҳабларнинг эътирофига кўра, Ҳаж сурасида иккита сажда ояти (18 ва 77 оятлар) бор. Бизнинг мазҳабга кўра, Ҳаж сурасининг 77-оятида намозда рукуъ ва сажда қилишга буйруқ бўлгани учун у алоҳида сажда ояти ҳисобланмайди. Бинобарин, ҳанафий мазҳаби бўйича Ҳаж сурасида фақат битта сажда ояти бор: яъни бу ушбу ояти каримадир. Бошқа сажда оятлари каби, бу оятни ҳам ўқиган ёки эшитган кишининг тиловат саждаси қилиш вожиб бўлади.
Сажда инсон учун улкан шараф, унинг мукаррамлиги белгиси, Аллоҳга тоатнинг олий кўринишидир. Қуръони каримнинг ўн тўртта сурасидаги (баъзи мазҳабларда Ҳаж сурасининг икки жойидаги) сажда оятлари ўқилганида ёки бошқанинг оғзидан эшитилганда қилинадиган сажда амали «тиловат саждаси» дейилади. Сажда оятларидан бири ўқилгач, уни эшитувчи ва ўқувчининг сажда қилиб олиши вожибдир. Агар сажда ояти намоздан ташқарида ўқилса ва ёки эшитилса, уни бажариш учун фурсат кенгроқ бўлса, кечиктирган киши гуноҳкор бўлмайди. Аммо ҳаётининг охиригача кечиктириб, сажда қила олмай вафот этса, гуноҳкор бўлади. Уни кечиктиришнинг ҳукми енгил макруҳдир. Агар сажда ояти намоз ичида тиловат қилинса, бу ҳолда уни адо этишни кечиктириб бўлмайди, балки вақт ўтказмай, сажда қилиш вожиб бўлади. Агар қасддан сажда қилмаган бўлса, гуноҳкор бўлади. Чунки уни адо қилиш фурсати оздир. Шу вақтнинг ўзида саждани қилиб қўйиш керак. Намоз ичида сажда тиловати ўқилиб сажда қилинмаса, намоздан сўнг унинг қазоси адо этилмайди. Сажда оятлари суранинг ўртасида ёки охирида бўлиши мумкин. Агар сажда ояти суранинг ўртас-да бўлса, намозхон уни қироат қилиш билан тўғри саждага бориши афзалдир. Бир марта сажда қилгандан сўнг яна қиёмга туриб сурани охирига етказади ёки шу сурадан намозга кифоя қилгудек оятларни қироат қилади-да, рукуъга боради. Агар сажда қилмаса, фурсатни ўтказиб қўймай, сажда ояти учун қилинадиган саждани ҳам ният қилиб рукуъ қилади. Рукуъ оят саждаси ўрнига ҳам ўтади. Аммо сажда оятидан сўнг вақтни ўтказмай, сажда қилган кишига оят саждасини ният қилиш шарт эмас. Мабодо, сажда қилиш фурсати ўтиб қолса-ю, модомики у намоз ичида экан, рукуъ билан ҳам, сажда билан ҳам сажда оятини ўқигани учун қилинадиган саждани адо қилмайди, балки шу намознинг ўзида хос битта сажда қилади. Агар сажда ояти сура охирида бўлса, намоз ичида уни ўқиш билан орқасидан саждани ҳам ният қилиб рукуъ қилиш афзалдир. Демак, шу рукуъ тиловат саждасининг ўрнига ўтар экан. Аммо сура охиридаги сажда оятини ўқиб, кейин тўғри саждага борса, саждадан кейин яна қиёмга қайтади ва шу сурадан кейинги сурадан бир неча оят ўқиб, сўнгра рукуъ қиладида, намозини охирига етказади. Сажда тиловатини эшитувчи хоҳ ўқувчининг ёнида туриб эшитсин, хоҳ узоқроқдан, (яъни микрофон орқали эшитсин) фарқи йўқ, барибир сажда қилиши вожиб бўлади. Бунинг акси ўлароқ, эшитувчи сажда оятини балоғатга етмаган гўдакдан ёки мажнундан ёки овоз ёзувчи мосламадан эшитса, унга сажда қилиш вожиб эмас. Чунки тиловат аслидан эмас, балки унинг аҳли бўлмаганлардан содир бўлмоқда. Битта сажда оятини бир ўринда кўп бор такрорласа ҳам, бир марта сажда вожиб бўлади. Аммо жой ўзгарса, ҳар бир жой учун алоҳида сажда қилиш ҳам лозим бўлади. Тиловат саждасини қилиш учун ҳам намоздагидек шартлар лозим бўлади. Фақат бунда такбири таҳрима бўлмайди. Тиловат саждаси жаҳрий икки суннат такбири ўртасида ва икки мустаҳаб қиём орасидаги бир марта саждадир. Икки қўл кўтарилмайди, ташаҳҳуд ўқилмайди ва салом ҳам берил-майди. Балки (тик турган ҳолида) такбир айтиб саждага боради. Унда тасбеҳ айтиб, сўнг такбир билан яна қиёмга қайтади. Сажда-да «Субҳана Раббиял аъло» деб уч бора айтади. Унга қўшиб ушбу дуони ўқиш ҳам мустаҳабдир: “Аллоҳуммажъалҳа ъиндака зуҳрон ва аъзимлий биҳа ажрон вазоъ ъанний биҳа визрон ва тақоббалҳа минний кама тақоббалатаҳа мин Давуда алайҳиссалам” («Аллоҳим, ушбу саждани ҳузурингда (менга) заҳира қилгин, у сабабли ажримни зиёда қилгин, унинг сабабидан гуноҳларимни кечиб юборгин, бу саждани худди Довуд алайҳиссаломдан қабул қилганингдек, мендан ҳам қабул эт»). Ўтирган ҳолида сажда оятини тиловат қилган киши тик туриб кейин сажда қилиши мустаҳабдир. Сажда оятини тиловат қилган киши билан уни эшитганлар бирга сажда қилишса, эшитганлар тиловат қилгандан олдин бошларини саждадан кўтармаганлари маъқул. Чунки оятни ўқиган киши эшитувчилар учун имом ўрнида бўлади. Сажда оятларининг ҳар бирига Мусҳафи шарифда ўқиган кишини огоҳлантириш учун махсус белги қўйилган. Сажда қилиш ушбу оятлардан бирини бутун ўқиганда вожиб бўлади. Сурадаги сажда оятини ўқимасдан ташлаб кетиш макруҳдир, чунки бу саждани ёқтирмасликка ўхшаб қолади. Таҳорати йўқлиги сабабли сажда қилишга тайёр бўлмаган кишиларга шафқат қилиб, улар олдида сажда оятини махфий ўқишни уламолар яхши амал, деб санашган. Ҳайз ва нифосдаги аёлларга сажда оятини ўқиш ва эшитиш туфайли тиловат саждаси қилиш вожиб бўлмайди.
Сажданинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча ҳадислари бор. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Сен Аллоҳга кўп сажда қилишни ўзингга лозим тут. Қачон сен Аллоҳ учун бир сажда қилсанг, албатта, Аллоҳ сенинг даражангни бир поғона кўтаради ва у билан битта хатоингни ўчиради», дедилар» (Муслим ва Термизий ривояти). Намоз ибодатларнинг энг фазилатлиси бўлса, сажда намознинг энг муҳим рукнидир. Пайғамбар алайҳиссалом: «Банданинг Парвардигорга энг яқин бўлган пайти сажда ҳолатидадир, саждада Аллоҳга кўп-кўп дуолар қилинглар», деб таълим берганлар. Намозхон ҳар гал сажда қилганида уч мартадан «Субҳана роббиял-аъло» деб Аллоҳни улуғлайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қачон одам боласи сажда оятини ўқиса, шайтон четга чиқиб йиғлайди ва: «Вой шўрим, одам саждага амр қилинганида сажда қилди, энди у жаннатга киради. Менга сажда қилишга амр бўлганида бош тортдим, энди дўзахга кираман», дейди» (Муслим ривояти).
19. Мана бу икки ғаним тоифа Парвардигори ҳақида талашиб-тортишди. Шунда куфр келтирганларга оловдан кийим бичилди. Бошлари устидан қайноқ сув қуйилади.
Ояти каримадаги Парвардигор ҳақида талашиб-тортишадиган икки ғаним тоифа мўминлар ва кофирлардир. Ана шу хусуматлашувчи икки тоифа дунё ҳаётида Аллоҳ таоло ҳақида талашиб-тортишган эди. Ҳар томон ўз гапини маъқуллаган, бир-бирлари билан душманликка борган эди. Лекин ораларидаги баҳс-тортишувни ажрим қилиш қиёматга қолдирилган эди. Мана энди қиёмат қойим бўлганида Парвардигорнинг Ўзи буни ажрим қиляпти. Куфр келтирган тоифалар бу тортишувда мағлуб бўлишди, энди улар учун азоб устига азоб бўлади: оловдан кийим бичилди, бошларидан қайноқ сув қуйилади. Қайс ибн Убода айтади: “Абу Заррдан эшитдимки, “мана шу икки тоифа...” ояти олти киши ҳақида - Ҳамза, Убайда, Алий ибн Абу Толиб, Утба, Шайба, Валид ибн Утба ҳақида нозил бўлган экан” (Бухорий ривояти). Ибн Аббос айтади: Улар аҳли китоблардир. Улар мўминларга “Биз сизлардан кўра Аллоҳга ҳақлироқмиз, китобимиз қадимийроқ, пайғамбаримиз сизларнинг пайғамбарингиздан олдинроқ ўтган”, дейишди. Мўминлар эса “Биз Аллоҳга яқинроқмиз. Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, сизларнинг пайғамбарингизга ҳам имон келтирдик. Нозил қилинган китобларга ҳам имон келтир-дик. Сизлар эса бизнинг пайғамбаримизни танидинглар, кейин уни тарк этдинглар ва ҳасад қилиб кофир бўлдинглар”, дейишди. Уларнинг хусумат-тортишишлари шундай бўлди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди”.
20. У билан қоринларидаги нарсалар ва терилари эритилади.
Аллоҳ ҳақида талашиб-тортишган кофир кимсаларнинг бошларидан дўзахда қуйилган қайноқ сув билан уларнинг қоринларидаги нарсалар, яъни бутун ички аъзолари ва баданларининг териси эритиб юборилар экан. Бундай қайноқ сув бирор инсон ёки ҳайвоннинг устидан қуйилса, танасию териларини титиб юборади. Демак, қиёматда кофирларнинг бошидан қуйиладиган сув шу қадар қайноқ бўладики, уларнинг терилари ва ички аъзоларини бутунлай эритиб юборади. Бундан ҳам ортиқ азоб бўлиши мумкинми? Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Қуръони каримда шундай баён қилинади:
“Сўнгра улар учун унинг (зақкум меваларининг) узра қайнок, сувдан аралаштирма бордир. Сўнгра уларнинг қайтиши албатта дўзах саридир” (Соффот, 67-68).
21. Улар учун темирдан гурзилар бор.
Аллоҳ таолонинг ваҳийларини инкор қилиб, куфр йўлини тутган кимсаларнинг жазолари фақат шулар билан чекланиб қолмайди. Уларнинг бошига темир гурзилар билан тинмай зарба бериб турилади. Инсоннинг бошига енгилроқ бир нарса билан урилганда оғриқнинг зўридан дод солиб юборадию, энди улкан темир гурзилар билан туширилганида бунинг азобига қандай чидаши мумкин? Демак, куфр келтирганларга дўзахда азоб устига азоб берилади, уларнинг ҳолига вой бўлади.
22. Улар ҳар гал ғам туфайли қочиб чиқмоқчи бўлишса, унга қайтарилишади ва: «Олов азобини тотинглар!» (дейилади).
Юқорида зикри келган кимсаларнинг дўзахдаги аҳволи ўта аянчли, улар тотадиган азоблар ҳеч бир таърифга сиғмайди. Улар дўзахдаги қийноқ-азоблардан қутулмоқчи бўлиб,ундаги ғам-аламлардан қочиб кетмоқчи бўлишади. Аммо дўзахнинг баджаҳл посбонлари уларнинг гирибонидан бўғиб, яна эски жойларига келтириб отишади ва уларга “Дунё ҳаётида Аллоҳнинг азобларига ишонмай юрган эдинглар, мана энди ўша азоб ҳақ бўлди, дўзах оловининг азобини абадий тотиб юраверинглар”, дейишади. Машҳур тафсирчилардан Ҳасан Басрий бу ҳолатни қуйидагича васф этган эдилар: «Дўзах олови кофирларни қаттиқ уриб, куйдириб, юқорига олиб чиқади. Энг юқорига чиққанларида, дўзахга масъул фаришталар темир гурзилар билан чунонам уришадики, дўзахийлар жаҳаннамнинг етмиш йиллик масофа миқдоридаги қаърига тушиб кетадилар».
Кофирлар ана шундай азоб-уқубатда, азобларга чидай олмай дод солиб туришганида мўминларнинг ҳолатлари тамоман бошқача бўлади:
23. Аллоҳ имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киритади. Улар у ерда олтин билакузуклар ва марваридлар билан безанишади. У ердаги либослари эса ипакдир.
Ушбу ояти каримада банданинг жаннат билан мукофотланиши учун зарур бўлган икки муҳим иш - имонга келиш ва ҳаётини солиҳ амаллар билан ўтказиш зарурлиги таъкидланмоқда. Демак, имон ва яхши амаллар эгасигина жаннатий бўла олади. Бир-бирига қарама-қарши икки нарсани бир жойда, бир хил савияда васф қилиш Қуръони каримга хос хусусиятлардандир. Инсон ҳар қанча қобилиятли бўлса ҳам бу даражада атрофлича васф қила олмайди. Бундан олдинги оятда дўзах аҳлининг ҳолати тасвир этилган эди. Энди эса бевосита жаннат аҳлининг ҳолати васф қилинмоқда. Бир-бирига тамоман қарама-қарши икки манзара: дўзах ўт-олов ва ўта қайноқ сувдан, жаннат эса остидан сувлар оқиб турган боғлардан иборат. Жаҳаннамда оловнинг азобига қўшимча равишда дўзахийнинг устидан ўта қайноқ сув қуйилса, жаннатда соя-салқин боғлар остидан муздек, зилол, ҳузурбахш сувлар оқиб турибди. Жаҳаннамда азоб устига азоб келса, жаннатда ҳузур устига ҳузур. Дўзахийларга оловдан кийим берилса, жаннатийларга ипакдан кўйлак кийдирилади. Дўзахийлар бошига темир гурзи билан урилса, жаннатийларга олтин ва марваридлардан безак тақилган. Жаҳаннам аҳлига қўпол сўзлар айтилган бўлса, жаннат аҳлига мулойим сўзлар айтилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Жаннатга кирадиган биринчи жамоанинг кўриниши ой тўлган кечадаги тўлин ойдек бўлади. Улар у ерда тупуришмайди ҳам, бурун ҳам қоқишмайди, қазои ҳожат ҳам қилишмайди. У ерда уларнинг идишлари тилла, тароқлари тиллаю кумушдан, тутатқиси алувва (хушбўйлик), терлари эса мушк бўлади. Ҳар бирларининг иккитадан жуфти ҳалоли бўлиб, гўзалликларидан гўшт тагидан болдирларининг илиги кўриниб туради. (Аҳли жаннатнинг) ўрталарида ихтилоф ҳам, бир бирини ёмон кўриш ҳам йўқ. Қалблари бир қалбдек. Эртаю кеч Аллоҳга тасбеҳ айтишади» (Бухорий ривояти).
24. Улар ёқимли сўзга ҳидоят қилинишган ва мақталган Зотнинг йўлига йўлланишган эди.
Дўзахдагиларга олов азоби тоттирилиб, жаҳаннамнинг қаҳри қаттиқ посбонлари уларнинг бошига темир гурзи билан тушириб турган бир пайтда жаннат аҳллари ёқимли сўзга, яъни “Аллоҳ ягонадир”, “Ундан ўзга илоҳ йўқдир” сўзларига ҳидоят қилинишади. Яна улар мақталган Зот, мақтовларнинг эгаси бўлган Зот - Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлига йўллаб қўйилади. Жаннатийлар зебу зийнатлар ичида бўлишади, дунёда ҳаром қилинган ипакли либосларда юришади. Бу олий мукофотга улар дунёда “Лаа илааҳа иллаллоҳ” шиорига содиқ бўлганлари, Аллоҳнинг охирги китоби Қуръони каримни ёд олиб-ўрганганлари, ўзларини яратган Зотга ҳамду санолар ва тасбеҳлар айтганлари, амри маъруф ва наҳйи мункар билан шуғулланганлари туфайли сазовор бўлишди. Уларни фаришталар жаннатда салом билан кутиб олишади.
25. Албатта ўзлари кофир бўлган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган ҳамда Биз туб аҳоли учун ҳам, келувчи учун ҳам баробар қилиб қўйган Масжидул-Ҳаромдан тўсувчиларга ва у ерда зулм билан йўлдан чиқмоқчи бўлганга аламли азобдан тоттириб қўямиз.
Яъни, Макка мушриклари ўзлари имонга келмаганлари етмагандай, бошқа одамларни ҳам Аллоҳнинг йўлидан, Масжидул-Ҳаромга кириб ибодат қилишдан тўсишади. Ҳолбуки унда ибодат қилишда ҳамма: Макка аҳли ҳам, бу ерга чет ўлкалардан келганлар ҳам баробардир. Фақат мушрикларгина ўзларининг нопокликлари туфайли Аллоҳнинг Уйида ибодат қилишдан маҳрумдирлар. Агар бирор кимса Аллоҳнинг Байтида туриб, қасддан динсизлик қилса, ношаръий сўзларни сўзласа, унга ушбу жиноятлар учун бошқа жойда бериладиган жазодан бир неча баробар қаттиқроқ жазо берилади. Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган пайтда Қурайш мушриклари худди шу ишларни қилишар эди. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтирмай, кофир ҳолларида юришар, бу ҳам етмагандек, ўзгаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсар, Ислом динига киришларига тўсқинлик қилишарди. Улар мусулмонларга Масжидул- Ҳаромга киришга, у ерда ибодат қилишга йўл беришмас эди. Ҳолбуки, Байтуллоҳнинг эгаси - Аллоҳ таолонинг Ўзи у ерни ҳамма одамлар учун - ерлик аҳоли учун ҳам, мусофирлар учун ҳам бирдек ибодат жойи қилиб қўйган эди. Аммо Қурайш кофирлари ўзларича Масжидул Ҳаромга эга чиқиб олиб, унга мусулмонларни киритмасдан йўлларини тўсмоқдалар. Шунинг учун улар Аллоҳнинг аламли азоби билан азобланишга лойиқдирлар.
Ушбу оятда «янглиш йўлни ирода қилиш» деб таржима қилинган жумла «илҳод» лафзи билан ифодаланган. «Илҳод» сўзи «худосизлик», «диндан чиқиш», «йўлдан озиш» маъноларини англатади. Ислом дини ман этган амалларни қилиш ҳамма жойда ҳам гуноҳдир. Аммо Масжидул - Ҳаром ҳудудида Ислом ман этган ишларни қилиш жуда катта гуноҳ - илҳод ҳисобланади. Бу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларида ҳам ўз аксини топган. У киши: «Маккада таомни эҳтикор қилманглар (эҳтикор - баҳосини ошириш учун тўплаб олиш). Маккада таомни эҳтикор қилиш илҳоддир», деганлар. Макка мушрикларининг мусулмонларни Байтуллоҳдан тўсиш борасидаги қилмишлари ҳақида сўз юритилганидан кейин Қурайш кофирларининг Масжидул-Ҳаромга эгалик қилишга ҳақлари йўқлигини баён этиш учун Байтуллоҳнинг тарихини ёритувчи оятлар келтирилмоқда:
26. (Эй Муҳаммад) эсланг, Иброҳимга Байтнинг ўрнини белгилаб бериб айтдик: «Менга бирор нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилувчилар, қиём, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклагин;
Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Биз Иброҳим алайҳиссаломга Байтимизнинг ўрнини белгилаб ва аниқ қилиб берганимизни, унда ширк келтирмаслик, ихлос билан ибодат қилишга буюрганимизни эсланг. Шунингдек, ушбу маконни маънавий ва моддий нопокликлар, жумладан куфр, бидъат, залолат ва нажосатлардан поклашни, тавоф қилувчилар, ибодатларда қоим турувчилар, намозларида рукуъ ва сажда қилувчилар учун пок тутишни амр этганимизни ҳам эсланг.
Баъзи муфассирлар ушбу оят ҳақида шундай дейишган: “Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Байтуллоҳнинг ўрнини аниқлаб-кўрсатиб берган. Ҳужуж деган кучли шамол натижасида Уйнинг асоси қулаб, харобага айланган эди. Сўнгра Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом уни янгидан бино қилишди. Бу жой аввалда Исмоил алайҳиссалом мансуб бўлган Журҳум қабиласининг қўйлари сақланадиган жой бўлган”. Шу сабабли Аллоҳ таоло икки пайғамбарига у жойни поклашни, Ўзига ҳеч бир нарсани шерик қилмасликни буюрмоқда. Аллоҳ таоло Ўзининг Байтини тавоф қилувчилар, ибодатларда қоим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар, яъни намоз-хонлар учун поклашни пайғамбарларига юклади.
27. одамлар ичида ҳажга чорлагин, улар сен томон пиёда ва ҳар қандай туя устида узоқ йўллардан келурлар;
Аллоҳ таоло Ўз амрига кўра Байтуллоҳни барпо қилган пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга буюряптики, эй пайғамбарим, одамларга ҳажнинг фарз эканини эълон қилиб, уларни ҳаж ибодатини адо этишга чорлагин. Улар сенинг даъватингга жавобан олис-узоқ жойлардан пиёда бўлса ҳам, ориқ ва ҳолдан тойган туяларда бўлса ҳам келсинлар.
Ибн Касир шундай деганлар: “Аллоҳ таоло “Эй Иброҳим, сенга бино қилишга буюрганимиз ушбу Уйни ҳаж қилишга одамларни чақиргин”, деганида у киши шундай деганлар: “Эй Аллоҳим, мен буни одамларга қандай қилиб етказаман, ахир овозим уларгача етмайди-ку?!” Шунда унга айтилди: “Сен уларни чақиравер, етказиш эса Биздандир”. Сўнгра Иброҳим алайҳиссалом бир тош устига (ёки Сафога) чиқиб, шундай дедилар: “Эй одамлар, дарҳақиқат, Парвардигорингиз ушбу Уйни сизлар учун танлади. Демак, уни ҳаж қилинглар!”. Шунда тоғлар паст бўлди ва унинг овози ер юзи бўйлаб тарқалди. Буни эшитган одамлар унга ижобат қилиб, “Лаббайка, Аллоҳумма лаббайк...” деб Байтул-Ҳаром томонга кела бошладилар” (“Тафсиру Ибн Касир”, 5-жилд, 410-бет).
28. улар ўзларига бўладиган манфаатларга гувоҳ бўлсинлар, маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари устида Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Энди ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар ва бечора фақирларга ҳам едиринглар;
Яъни, эй Иброҳим, одамлар узоқ жойлардан бу ерга ўзлари учун ҳам дунёвий, ҳам ухровий фойда-манфаат кўриш учун келишади. Уларнинг гуноҳлари кечирилиши, дуоларининг ижобат қилиниши ва Аллоҳ таолонинг розилигига эришишлари ухровий манфаатлардир. Одамларнинг ушбу пок маконда, яъни Масжидул-Ҳаромда тўпланиб, ўзаро бир-бирлари билан танишишлари, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишлари, тижорат орқали бир-бирлари билан маҳсулот айрбошлашлари ва Аллоҳ ҳалол қилган бошқа ишлар билан машғул бўлишлари дунёвий манфаатлардир. Ояти каримадаги “маълум кунлар”дан мурод, зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги, яъни ташриқ кунларидир. Аллоҳ инсонларга ризқ қилиб берган ҳайвонлар эса қурбонлик қилинадиган туя, сигир ва қўй каби чорвалардир. Ушбу муборак кунларда инсонлар Аллоҳнинг зикрини кўпайтириб, Унга итоат этишлари ва шукрона айтишлари маъносида қурбонлик қилишар экан, уларни сўйиш пайтида Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, “Бисмиллаҳ”ни айтишсин. Ушбу чорва ҳайвонларини қурбонлик қилгач, унинг гўштидан бир қисмини ўзларига ишлатишсин, бир қисмини эса ҳожатманд, бечораҳол, фақир кишиларга едиришсин.
29. сўнгра кирларини кетказсинлар, назрларини адо қилсинлар ва «Кўҳна уй»ни тавоф қилсинлар».
Ҳаж қилган одамлар фарз ибодатларни ўтагач, ўзларини ҳар хил нопоклик ва кирликлардан тозаласинлар. Аллоҳ таоло йўлига қилган назрларини адо этсинлар ва расулимиз Иброҳимга тиклаш амр этилган мана шу Кўҳна уйни тавоф қилсинлар. Қуръони каримда шундай зикр қилинган: “Эсланг, Байтуллоҳни инсонлар тўпланадиган ва омонлик жойи қилиб бердик: «Иброҳим мақомини намозгоҳ қилиб олинглар». Иброҳим ҳамда Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, эътикофдагилар, рукуъ-сажда қилувчилар учун покланглар», деб буюрдик. Иброҳимнинг: «Парвардигорим, буни омонлик шаҳри қилгин ва Аллоҳга, охиратга имон келтирган аҳлини турли мевалар билан ризқлантир», деганини эсланглар. Аллоҳ: «Ким куфр келтирса, уни бироз фойдалантираманда сўнгра дўзах азобига дучор қиламан, у ниҳоятда ёмон жойдир», деди” (Бақара, 125-126).
Ривоят қилинишича, Одам алайҳиссалом жаннатдан Ерга тушганларида Аллоҳ таолонинг амри билан биринчи бино қилган уйлари Байтуллоҳ бўлган экан (шунинг учун бууй “Кўҳна уй” деб аталмоқда). Нуҳ алайҳиссалом замонларида бўлган тўфон балосида фаришталар Аллоҳ таолонинг амри билан ўша Уйни еттинчи осмонга олиб чиқиб кетишган. Ҳадиси шарифда айтилишича, ўша даврдан бери осмондаги Байтуллоҳни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилар, аммо Аллоҳнинг лашкари бўлмиш фаришталарнинг саноғи шу қадар беҳисоб эканки, ҳанузгача бир фаришта икки марта тавоф қилишга улгурмаган экан. Ана шу самога олиб чиқиб кетилган Уйнинг (у “Байтул-маъмур” деб аталади) ўрнини Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга билдириб, ўша жойга барча мусулмонлар учун қибла бўлган Байтуллоҳни бино қилишни буюрган.
30. Хукм пгундай. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларнинг риоясини қилса, Парвардигори ҳузурида бу ўзи учун яхшидир. Сизларга тиловат қилинганлардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлинглар ва ёлғон сўздан четда бўлинглар.
Масжидул-Ҳаромни ҳурмат қилиш, уни ҳаж, зиёрат этишни хоҳла-ганларнинг йўлини тўсмаслик Аллоҳ ҳаром қилган, яъни ҳурматлашни буюрган ишларнинг энг муҳимидир. Бу муқаддас жойни Аллоҳ таоло омонлик, тинчлик, осойишталик ери этиб қўйган, шунинг учун ҳам бунинг риоясини қилиш керак. Ҳаром қилинган ҳудудда душманлик, тажовузкорлик, қон тўкиш, ов қилиш ва йўлтўсарлик кабилар ҳаром қилинган. Буларни Аллоҳ ҳаром қилган. Одамларнинг ўзлари ҳаром қилиб олган ишларнинг риоясини қилишга ҳеч ким мажбур эмас. Мушриклар эса ўзларича минишни ва ейишни ҳаром деб эълон қилиб олган ҳайвонларни минмай, емай юришларининг мутлақо аҳамияти йўқ. Аллоҳнинг Ўз Китобида ҳаром деб белгилаб қўйган чорва ҳайвонларидан бошқаси мўминларга ҳалол қилинган. Бирор нарсани ҳаром қилиш фақат Аллоҳнинг иши, шунинг учун фақат Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларнинггина риоясини қилиш керак.Умуман, ҳаром, нопок ва нажас нарсалардан четда бўлиш лозим. Мушриклар сиғинаётган бут-санамлар ҳам ана шундай ҳаром, нажосат нарсадир. Шу боис, мўминлар бут-санамлардан ҳамиша четда бўлишлари зарур. “Ёлғон сўздан четда бўлинглар” жумласини муфассирлар “ширкдан четда бўлинглар” деб ҳам тафсир қилишган. Чунки ширк келтириш энг катта ёлғондир, ёлғон сўз эса ширкка тенглаштирилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Фотик Асадий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бомдод намозини ўқиб бўлгач ўринларидан турдилар ва: «Ёлғон шаҳодат Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилади», дедилар-да, шу оятни тиловат қилдилар.
Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отасидан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Шунда у зот: “Гуноҳларнинг энг каттасини сизларга айтиб берайми?” деб уч марта айтдилар. Сўнг “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш...”, дедилар. Ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар ва: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш” деб такрорлайвердиларки, ҳатто бизлар “Қанийди, тўхтасалар эди”, дедик (Бухорий ривояти). Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёлғон гувоҳлик беришдан қайта-қайта қайтарганларининг сабаби одамларнинг унга эътиборсизликлари, унга ундовчи адоват ва ҳасад каби омилларнинг кўплиги ҳамда ёлғоннинг зарари катталиги учундир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шундай ҳадислари бор: “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки қадами жойидан узилмай туриб Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади” (Ибн Можа ва Ҳоким ривояти).
31. Аллоҳга холис ибодат қилинглар, Унга ширк келтирманглар. Ким Аллоҳга ширк келтирса, у гўё осмондан қулаб тушган-у, уни қуш олиб қочган ёки уни шамол узоқларга учириб кетган нарса кабидир.
Ушбу ояти каримада Аллоҳга ширк келтирганлар жуда арзимас, осмондан қулаб тушганида уни бир йиртқич қуш олиб қочган ёки қаттиқ шамол худда хас каби олисларга учириб кетган қадрсиз бир нарсага ўхшатилмоқда. Бу билан Аллоҳ таоло бандаларини фақат Ўзига ибодат қилишга, асло ширк келтирмасликка, яъни яратишда ягона бўлган Зотга жонсиз буту санамларни, махлуқот ва мавжудотларни шерик қилмасликка чақирмоқда. Ширкнинг гуноҳи шунчалик улканки, Аллоҳ таоло Ўзининг фазли ва мағфирати билан бандаларининг ҳар қанча гуноҳи кўп бўлса ҳам уларни кечириши мумкин, аммо ширкнинг гуноҳини кечирмайди. Ширкнинг нақадар ёмонлиги Қуръони каримнинг бир неча оятларида зикр қилинади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ким Аллоҳга ишрк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни албатта ҳаром қилади ва унинг борар жойи дўзахдир. Золимларга ёрдамчилар бўлмайди» (Моида, 72). Ширк қабиҳ амал ва яққол зулмдир. Ширкка мубтало бўлганлар ҳидоят йўлини тан олмай, залолатни танлаган бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг мағфирати ўрнига Унинг азоби-жазосини танлаган бўлади. Улар дўзах оловига шунчалик ҳам чидамлимики, тўғри йўл турганида залолатга юз буришади? Аллоҳнинг мукофоти, жаннати турганида нега улар дўзахдаги азобини исташади?
32. Ана шундай, ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, демак, бу қалбларнинг тақвосидандир.
Биз ушбу ояти каримадаги «шиорлар» деб таржима қилган ибора Қуръони каримда «шаъоир» деб келган. Бу «шаъира» сўзининг кўплик шакли бўлиб, «нишон», «белги», «аломат» деган маъноларни билдиради. Бу сўз Аллоҳ таолога нисбат берилиб, «шаоируллоҳ» -«Аллоҳнинг шиорлари, нишонлари» дейилганда эса Аллоҳнинг динини эслатадиган, У Зотга ибодат қилишнинг шиори, нишонаси, белгиси бўлган амаллар, жойлар тушунилади. Ҳаж амаллари ва бу амал адо этиладиган муқаддас жойлар ана шундай шиорлардандир. Ушбу ояти каримада эса «шиорлар» деганда қурбонликка сўйиладиган туя, қорамол каби катта ҳайвонлар назарда тутилмоқда. Демак, ҳажда сўйишга аталган ҳайвонларни авайлаш, эъзозлаш қалб тақвосидан экан. Чунки ҳаж ибодатидан кўзланган асосий мақсад ҳам тақводир.
33. Сизлар учун уларда маълум муддатгача манфаатлар бордир. Сўнгра уларнинг ўрни «Қадимги уй»дадир.
Яъни, ўша қурбонлик учун атаб олиб чиққан ҳайвонларингиздан маълум муддат манфаатланиб турсангиз бўлади. Миниш мумкин бўлганини миниб, соғиш мумкин бўлганини соғиб ичиш, шунингдек, юк ортиш ва бошқа мақсадларда фойдаланса бўлаверади. Сўнгра қурбонлик вақти келганида «Қадимги уй» - Байтуллоҳ атрофида, хусусан, Минода қурбонлик учун сўясиз. Ана шундай қурбонликлар барча умматларда қилинган. Қурбонлик ҳақида бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Пайғамбар алайҳиссалом оқ рангли шоҳдор икки қўчқорни қурбонлик қилардилар» (Муслим ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Қурбонлик қонининг биринчи томчиси ерга тушиши билан қурбонлик қилувчининг ўтган гуноҳла-ри кечирилади», деб башорат берганлар. Абдуллоҳ ибн Курт розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳузурида кунларнинг энг улуғи (қурбонлик) сўйиш кунидир. Сўнгра қарор топиш кунидир», дедилар» (Абу Довуд ривояти).
34. Ҳар бир умматга уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари узра Аллоҳнинг исмини зикр қилишлари учун қурбонликни жорий этганмиз. Илоҳингиз ягона Илоҳдир, демак, Унгагина таслим бўлинглар. (Эй Муҳаммад), итоаткорларга хушхабар беринг!
Аллоҳ таоло марҳамат этяптики, барча умматларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини сўйиш олдидан Аллоҳнинг исмини зикр қилишлари, яъни “Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар” деб сўйишлари учун қурбонлик ибодатини жорий этганмиз. Қурбон ҳайити кунлари ибодат нияти билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ва Унинг розилигини топиш учун сўйиладиган ҳайвон “қурбонлик” дейилади. Шу мақсадда мол, қўтос, туя, қўй ва эчки (хоҳ эркаги, хоҳ урғочиси, хоҳ бичилгани, хоҳ бичилмагани) сўйилиши мумкин. Эркагининг сўйилиши афзалроқдир. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиш мумкин эмас. Қурбонлик қилиш ҳур-озод, муқим, оқил, балоғат ёшига етган ва закот нисобига эга мусулмон одамга Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари ва ҳанафий мазҳабига кўра вожибдир. Таматтуъ ёки қирон ҳажини қилаётганлар учун қурбонлик қилиш вожиб. Қурбонлик сўядиган мусулмон киши бошқа пайтлардаги сўйишлар каби қурбонлиги устида тазкия қилиши, яъни «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар» деб айтиши шарт. Қурбонлик қилишга мўлжалланган ҳайвон нафақат ёш жиҳатидан, балки соғлик ва кўриниши жиҳатидан ҳам талабга жавоб бериши, камчилик ва нуқсонлардан холи бўлиши лозим. Қурбонлик қилишнинг вақти қурбон ҳайити куни тонги отиши билан киради ва учинчи ҳайит кунининг қуёши ботиши билан тугайди. Қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейингина қилина бошлайди. Ҳайит намозидан олдин сўйилган ҳайвон ибодат ўрнига ўтмайди. Ҳаж қилувчи киши қурбонлик сўйиш пайтида бу иши Аллоҳ таолога ибодатнинг энг муҳим қисмларидан бири эканини, қурбонликнинг ҳар бир бўлаги эвазига уни адо этувчи танасининг бир бўлаги дўзахдан халос бўлишини эслаши мақсадга мувофиқдир. Бу ибодатда ҳам ихлос муҳим ўрин тутади. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимнинг шароити яхши бўла туриб қурбонлик сўймаса, у намозгоҳимизга яқинлашмасин» деган ҳадислари машҳурдир. Демак, Аллоҳ таоло қурбонлик қилишни барча умматларга жорий этган. Қурбонлик ҳам улуғ ибодатлардан саналади. Барча ибодатлар Аллоҳ учун бўлганидек, қурбонлик ҳам фақат Аллоҳ учундир. Одамларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб бергани учун улар шукр қилиб, улуғлаб, Аллоҳнинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик жорий этилган экан, Аллоҳдан бошқанинг номи айтилиб сўйилган ҳайвоннинг гўшти ҳаром бўлади.
Ояти кариманинг давомида ҳамманинг илоҳи - Биру Бор маъбуд Аллоҳ таоло экани яна бир бор таъкид қилинмоқда. Шунинг учун ҳам барча инсонлар фақат Унгагина ибодат қилишлари, қурбонликларини Унинг исмини зикр қилиб сўйишлари керак. Ҳамма фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина таслим бўлиб, итоат этиши, Унгагина имон келтириб, мусулмон бўлиши керак. Ана шундагина улар икки дунё саодатини қўлга киритадилар. Аллоҳ азза ва жалла: “Эй Пайғамбарим, Аллоҳ таолога ана шундай тоат-ибодатда бўлиб, ўзини тавозеъли тутган бандаларимга жаннат хушхабарини беринг”, демоқда.
35. Улар Аллоҳ зикр қилинганда қалблари қўрқувга тушадиган, ўзларига етган мусибатга сабр қиладиган ҳамда намозни тўкис адо этадиган, ўзларига ризқ қилиб берган нарсамиздан эҳсон қиладиганлардир.
Ушбу ояти каримада жаннат хушхабари берилган имонли ва ихлосли бандаларнинг бир неча сифатлари васф этилмоқда. Булардан биринчиси Аллоҳнинг номи зикр қилинганида қалблари титраб, қўрқувга тушадиган инсонлардир. Банданинг ҳар ишда, ҳар қадамда Аллоҳга юкуниши, ўз ҳожатларини Унинг Ўзига ҳавола қилиши, Аллоҳдангина қўрқиши, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиши унинг тақводорлигига, имон, илм ва салоҳиятда пешқадам эканига далолат қилади. Ўзига ўхшаган бандадан ёки табиатда содир бўладиган ҳодисалардан қўрқиш инсон ҳаётини издан чиқаради, эътиқоди ва имонидан айиради. Аллоҳдан эмас, махлуқдан қўрқиш инсоннинг шахсиятини бузади, хорлик ва шарманда-ликка солади. Аллоҳдан қўрқувчилар тақводорлардир. Тақводорлар Аллоҳдан қўрққанлари учун Унинг амрига итоатда туришади. Ўзларини барча ёмонликлардан тийишади. Охират йўлида ҳамиша ибодатда бўлишади. Жанннат неъматлари орзусида барча қийинчилик, азоб-уқубатларга сабр этишади. Тақводорликнинг белгиси қўрқув ва умид орасида туришдир. Яъни Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг азобидан, дўзахидан, иқобга олишидан, ҳисоб-китобидан қўрқиш ва айни пайтда Унинг раҳмат-мағфиратидан, меҳрибонлигидан, жаннатга киритишидан ҳамиша умидворлик туйғуси билан яшашдир! Чин мўминлик Аллоҳга ҳақиқий тақво қилишда, инсонлардан эмас, фақат Ундан қаттиқ қўрқишдадир! Тақво мўминнинг либоси, имонининг гўзаллигидир. Асл тақводорларгина фақат буюк Парвардигорларидан қўрқишади. Ҳар ишда, ҳар сонияда, ҳар қадамда фақат Аллоҳнинг розилигини исташади. Ундан қўрққанлари учун гуноҳ ишлардан тийилишади, ёмонлик қилишмайди. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоатда бўлиб, ҳаётларини солиҳ амаллар билан безашади. Бундайлар мусулмон ҳолларида Парвардигорларига йўлиқиш орзуси билан яшашади. Уларни охиратда Аллоҳ таолонинг улкан мукофотлари, Унинг розилиги ва мангу роҳат-фароғатда яшаладиган жаннатлари кутиб турибди.
Аллоҳга ихлосли ватавозеъли бандаларнингиккинчи сифати бошларига келган мусибат ва балоларга сабр қилишдир. Сабр-матонат ва бардош мўминларнинг энг яхши сифати, уларнинг шаънини улуғловчи гўзал фазилатларидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бошларига бирор мусибат, бало ёки машаққат келганида фақат сабр қилишга буюради. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидам ва бардошга чақирилади, Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо биргалиги хабари берилади. Пайғамбар алайҳиссалом қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар, чунки намоз сабрга битмас-туганмас бардош қўшувчи сокинлик ва хотир-жамлик манбаидир. Сабр инсонни оқибатда чексиз зафарларга, муваффақиятларга етиштиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним измида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ таоло мўмин банда учун нимани етказса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади - унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади - унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар.
Яна чин мўминлар намозларини хушуъ ва хузуъ билан, Аллоҳнинг розилигини кўзлаган ҳолда, барча арконларга беками-кўст риоя қилган ҳолда тўкис қилиб ўқийдилар. Ҳаж ибодатини адо этиш кунларида айниқса намозни вақтида, барча рукнларига амал қилган ҳолда адо этишга қаттиқ аҳамият бериш, ҳаж ибодати баҳонасида намозга бефарқ бўлмаслик талаб этилади.
Аллоҳ васф қилган мўминларнинг яна бир сифатлари ўзларига Парвардигор томонидан ризқ қилиб берилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилишдир. “Эҳсон” сўзи аслида “яхшилик қилиш”ни англатса-да, бунинг яна бир маъноси Аллоҳ таоло ризқ қилиб берган нарсалардан муҳтож кишиларга ва Аллоҳ белгилаган ўринларга садақа қилишдир. «Эҳсон» банданинг ҳалол йўл билан топган барча мол-мулкидан Аллоҳ йўлида, У белгилаган мақсадларда сарфлаши, камбағал-фақирларга ва муҳтожларга садақа қилиши маъноларини англатади. У, шунингдек, Аллоҳ розилигини топиш йўлида қилинган барча яхшиликлар маъносини ҳам билдиради. Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар, касб билан топганингизнинг покизасидан ва сизларга ердан чиқариб берганларимизнинг яхшисидан эҳсон қилинглар. Эҳсон учун ўзингиз ҳам жирканиб, олмайдиган ёмонларини танламанглар ва билингларки, Аллоҳ албатта беҳожат ва мақтовга лойиқдир” (Бақара, 267).
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вадоъ ҳажи пайти касалим оғирлашганида ҳолимни сўрагани келдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, кўриб турганингиздек касалим шу даражага етди. Мен бадавлат кишиман. Битта қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг учдан икки қисмини садақа қилаверайми?» десам, у зот: «Йўқ», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ярмини садақа қилаверайми?» десам, у зот яна: «Йўқ», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, учдан бирини садақа қилаверайми?» десам, у зот: «Учдан бири! Учдан бири ҳам кўпдир. Меросхўрларингни бадавлат қолдириб кетишинг бошқаларга боқиманда, қарам қилиб кетганингдан яхши-роқдир. Албатта Аллоҳнинг розилиги учун бирор нарсани инфоқ қилсанг, унга ҳам савоб оласан. Ҳатто хотинингнинг оғзига солган таомингга ҳам ажр оласан», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмонга садақа лозим», деганларида, саҳобалар: «Агар уни топа олмаса-чи?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўли билан ишлаб топиб ўзи ҳам фойдаланади ва садақа ҳам қилади», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бечораҳол муҳтожга ёрдам берсин», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликка буюрсин», дедилар. «Агар буни ҳам қила олмаса-чи?» дейишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёмонликдан ўзини тийсин, шундай қилиши ҳам садақадир», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
36. Ва баданаларни сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Уларда сизларга яхшилик бордир. Уларга тизиб қўйилган ҳолларида Аллоҳнинг номини зикр қилинглар. Энди қачонки ёнбошлари билан тушганларида эса, улардан еяверинглар, қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринглар. Шукр қилишинглар учун уларни сизларга бўйсундириб қўйдик.
Араб тилидаги “бадана” сўзи қурбонликка аталган семиз туя ва қорамолни англатади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг энг каттаси бўлмиш туя ҳақида сўз юритмоқда, яъни «баданаларни сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик» демоқда. Туяларда одамлар учун кўпгина яхшиликлар бор. Керак бўлганида уни минишади, юк ортишади, араваларга қўшишади, сутини ичишади, гўштини истеъмол қилишади, терисидан, жунидан кийим ва турли жиҳозлар тайёрлаб олиб фойдаланишади, уларни кўпайтириб сотиб, моддий манфаат кўришади. Бундан ҳам муҳими, уларни курбонликка сўйиб, Аллоҳга қурбат ҳосил қиладилар. Туя тик турган ҳолида, олд оёқларидан бирини бўйнига боғлаб туриб сўйилади. Бу сўйиш араб тилида бир сўз билан «саваффа» дейилади. Демак, туяни қурбонликка сўйиш учун олд оёқларидан бирини боғлаб кўйган чоғда Аллоҳнинг номини зикр қилиб, сўнг сўйиш керак. Яъни «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар. Аллоҳумма, ҳаза минка ва илайка» деб туриб сўйиш керак. Сўйилган туялар ерга йиқилганларидан сўнг гўштидан ўзингиз ҳам тановул қилинг. Иффати тиланишга йўл бермай, қаноат қилиб турган камбағалларга ҳам, қаноат қила олмай, тиланиб юрган фақир ва бечораларга ҳам беринг. Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида фойдани инсоннинг ўзи кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ҳам, атрофидаги фақир-камбағаллар манфаатдор бўладилар. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тўкис қилинглар. Агар тўсилсангиз, қодир бўлганингизча курбонлик қилинглар. Жонлиқ жойига етиб бормагунича бошларингизни қирманглар. Агар сизлардан кимдир касал ёки бошида бирон азият бўлса, у ҳолда ё рўза тутиш ё садақа бериш ёки қурбонлик қилиш билан фидя берсин. Хотиржамлик бўлганида ким умра билан ҳажни бирга адо эта олса, муяссар бўлганича ҳадийсини берсин. Ким топа олмаса, ҳажда уч кун, қайтганидан кейин етти кун, тугал ўн кун рўза тутсин. Бу аҳли-оиласи Масжидул-Ҳаромда турмаганлар учундир. Аллоҳдан кўрқинглар, билингларки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” (Бақара, 196). (Ҳадий - ҳаж ва умрани бирга қилувчи ҳожининг ҳарам ҳудудида сўйиш учун олиб келган қурбонлиги, одатда бу туя, қорамол, қўй ёки эчки бўлади).
37. Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам Аллоҳга етиб бормайди. Лекин Унга сизлардан тақво етади. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани эвазига Уни улуғлашингиз учун уларни сизларга бўйсундириб қўйди. (Эй Муҳаммад), яхшилик қилувчиларга хушхабар беринг!
Ояти каримада зикр қилинганидай, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларини ҳам, қонларини ҳам Аллоҳ таоло олмайди. У Зот буларга муҳтож ҳам эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳнинг йўлида ҳайвон сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор, ўзи Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр. Шу билан бирга, қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир. Шу боис ҳар бир банда ўзига вожиб бўлмаса ҳам жонлиқ сўйиб, қурбат ҳосил этишга ҳаракат қилсин. Қиладиган қурбонлигининг семиз ва чиройли бўлишига эътибор берсин. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Ҳажнинг қай амали афзал?» деб сўрашди. «Талбиянинг баланд айтилиши ва қурбонлик сўйилиши» дедилар» (Термизий ривояти).
Қурбонлик қилиш банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини кўрсатади. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир. “Аллоҳ таоло туя, қўй, эчкиларни сўйишни диннинг шиорларидан қилди. Бу амалларни бажаришда Аллоҳ таолонинг азамати ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади. Бундан ташқари, бу жониворларни сўйишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Дунёвий фойда масалан, ейиш, ичиш бўлса, ухровий фойда эса савобдир. Қурбонликдаги ихлос, хоссатан уни Аллоҳ таоло учун ва Ундан савоб олиш мақсади билан қилишдир” (“Баёнул Қуръан”, 135 бет). Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурбонлик куни одамнинг ҳеч бир амали Аллоҳ таолонинг наздида қурбонлигидан зиёда савобли бўлолмайди. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохлари, гўштлари ва туклари билан қўшилиб келади ҳамда бу нарсаларнинг барчаси эвазига соҳибига савоб етади. Қурбонлик қони ерга тушмасдан олдин ўша банда Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос бир даражага кўтарилади. Қурбонликни чин қалбингиздан, хурсанд ҳолда қилинглар, кўп харажат қилганингиз учун дилингиз оғримасин!» дедилар” (Ибн Можа, Термизий ривояти). Имом Абу Ҳанифа мазҳаблари бўйича, моли закот бериш нисобига етган муқим одамга қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
38. Аллоҳ имон келтирганларни албатта мудофаа қилади. Аллоҳ барча хоин ва кофирларни севмайди.
Гарчи Исломнинг аввалида мусулмонларга мушриклар томонидан зулм-таъқиблар кучайган бўлса ҳам, куфр ва ширк эгалари зоҳирда ғолиб кўринган бўлсалар ҳам, охир-оқибат Аллоҳ таоло Ўзига имон келтирган мўмин бандаларини ёрдамсиз қолдирмайди, душманларнинг ҳамла ва азиятларини улардан даф қилиб туради. Уларни албатта ҳимоя қилади, уларга ёрдам беради, душманлари устидан нусрат-зафар ато қилади. Шу билан бир вақтда, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига душман бўлган хоин ва кофирларни ёмон кўради. Уларга бериб қўйилган ғолиблик ҳам, зулмкорлик ҳам, мўминларни хорлаши ҳам вақтинчаликдир, уларни охиратда туганмас азоблар билан хўрлаш учун дир. Ҳар бир мўмин инсон бу ҳақиқатни яхши англаб олиши зарур
39. Хужумга учраётганларга мазлум бўлганлари сабабли (урушишга) изн берилди. Аллоҳ албатта уларга ёрдам беришга қодирдир.
Ушбу ояти карима ҳижратдан кейин нозил бўлган ва бу кофирларга қарши уруш қилишга мусулмонлар учун рухсат берувчи биринчи оятдир. Бунгача ҳатто ҳимоя учун ҳам кофирларга қарши жанг қилишга рухсат йўқ эди. Муфассирлар айтишади: “Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг саҳобаи киромларига истаганларича азиятлар етказиб, озор беришар, зулм қилишар эди. Улар калтакланган, жароҳатланган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб, шикоят қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Сабр қи-линглар, менга уруш қилиш учун изн берилгани йўқ», дер эдилар. Ниҳоят, ушбу ояти карима нозил бўлди. Бу оятда мусулмонларга уруш қилишга уларнинг мазлум бўлганлари, азоб-уқубатга қолганлари учун рухсат берилгани очиқ-ойдин айтилмоқда. Ибн Аббос айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан ҳайдаб чиқарилганларида Абу Бакр: “Инна лиллаҳ, бунақада аниқ ҳалок бўламиз”, деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Абу Бакр: “Билдимки, яқинда уруш бўлади”, деди.
Аллоҳ таоло бундан олдинги оятда имон келтирганларни Ўзи мудофаа қилишини маълум қилган эди. Ушбу оятда эса уларга уруш қилишга рухсат бермоқда, мўминларни ўзларини ўзлари мудофаа қилишга чақирмоқда. Буни қандай тушуниш керак? Аввало, бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқ, Аллоҳ таоло мўмин бандаларини мудофаа қилган, қилмоқда ва қилади ҳам. Мўминларни уруш қилишга чақириш эса Ислом динининг умумий таълимотидан келиб чиққандир. Ислом ҳаракат, жидду жаҳд динидир, у дангасаликка, танбалликка, фаолиятсизликка бутунлай қарши. Шунинг учун Ислом таълимотида, ибодатларида ҳаракат, саъй-кўшиш аввалги эътиборда туради. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани ҳаракат қилганга беради. Ҳатто имонли бўлиш учун ҳам ҳаракат қилиш керак. Ақлини, фикрини ишга солиб, ҳидоят йўлини ахтариб, ҳаракат қилмаган одам имон йўлига кириши амри маҳол. Шунингдек, Аллоҳ ризқ-рўзни ҳам ҳаракат қилганга беради. Аллоҳ таоло мўмин бандалари уруш қилишмаса ҳам уларга нусрат беришга қодирдир. Аммо У Зот бандаларига шу йўл билан ҳам савоб касб қилиш, мартабаларини орттириш имконини очиб беради. Бунинг яна бошқа кўпгина ҳикматлари ҳам бор.
40. Улар ноҳақдан, фақат «Парвардигоримиз Аллоҳдир» деганлари учун диёрларидан қувилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, бутхоналар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга албатта мадад беради. Шубҳасиз, Аллоҳ қувватлидир, иззатлидир.
Макка мушриклари оз сонли мусулмонларнинг бошига инсон тасаввурига сиғмайдиган азоб ва таъқибларни солишди, уларни ҳар томонлама хўрлашди, ҳатто жисман йўқ қилиб юбориш ҳаракатига тушишди. Аллоҳнинг янги динини қабул қилган мўминларнинг энг катта “айб”и уларнинг «Парвардигоримиз Аллоҳдир» деганлари эди. Ўзларига ҳар томондан ҳужум ва таъқиб бўлавериб, мушриклар мусулмонларни ўлдириш ёки азоблаб қийнаш режасини туза бошлагач, улар она юртларини, яқинларини ташлаб кетишга мажбур бўлишди. Аввал Ҳабашистонга, кейинчалик эса Мадинага ҳижрат қилишди. Аммо мушриклар уларни ҳижрат қилиб борган жойларида ҳам тинч қўйишмади. Ана шундагина мусулмонларга душманларига қарши урушишга изн берилди. Изн берилмаса ҳам бўлмас эди. Ҳаддидан ошган кофирлар ҳамма нарсани қилишга тайёр эди. Яна Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, агар Парвардигорингиз дину диёнат, имон-эътиқод ҳомийлари бўлмиш мўмин бандалари билан кофир-мушрикларни даф қилиб турмаса, ҳамма ёқ остин-устун бўлиб кетар эди. Кофир ва мушриклар ҳаддиларидан ошиб, динларнинг энг муқаддас ибодатхоналарини ҳам вайрон қилар эдилар.Улар роҳибларнинг «узлатхоналар»ни, яҳудийларнинг ҳавраканисаларини, насронийларнинг бутхоналарини ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидларни ҳам вайрон қилган бўлишарди.
Дарҳақиқат, тарихга назар соладиган бўлсак, Ислом бўлмаган жойда, мусулмонлар фаолият кўрсатмаган ерда турли ибодатхоналар уларнинг муқаддаслигига қарамай, ваҳшийларча вайрон қилинганини кўриш мумкин. Фақат мусулмонларгина уруш ҳолатида ҳам ибодатхоналарнинг риоясини қилганлар. Аммо Ислом душманлари имкон топди, дегунча масжидларни бузишга ўтганлари ҳаммага маълум. Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу адолатпарварлиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди. Ҳазрат Умарнинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган эди. Халифа Байтул-Мақдисга фотиҳ сифатида кирган кунлари «Қуддус ал-Кубро» черковида туришганида аср намозининг вақти кириб қолади. Ҳазрати Умар кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб, черковни масжид қилиб олишмасин, дея бу ерда намоз ўқишдан бош тортганди. Шаҳар фатҳ этилганидан кейин кўп ўтмай, Несториан патриархи Иешуйаб Иккинчи дўстига ёзган мактубида шундай сўзларни битган эди: «Худо Ўзининг иродасини ато этган... бу араблар бизга ҳеч қандай зарар етказишмади. Ҳақиқатдан улар динимизга, руҳонийларимизга, черков ва узлатхоналаримизга ҳурмат билан қарашди».
Тарих давомида улкан ҳудудларни бошқарган мусулмон ҳукмдорлар бошқа динларнинг вакилларига фавқулодда ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишган. Ислом давлатларида насроний ва яҳудий динидагилар ҳамиша тўла хавфсизликда, тинч-осойишта яшаб келишган, диний маросимларини бемалол ўтказишган. Буни Ғарб тарихчилари ва тадқиқотчилари ҳам, аҳли китобларнинг руҳонийлари ҳам очиқ тан олиб ёзишган. «Исломнинг ёйилиши» китоби муаллифи Томас Арнольд шундай фикр юритади: «Мусулмонлар қўл остида ўз динларига эътиқод қилишнинг бехавотирлигини англаган христианларнинг туйғулари Кичик Осиё (Онадўли) насронийларининг салжуқий туркларини халоскорлар каби кутиб олишларига сабаб бўлган. Бунинг устига император Михаил Саккизинчи ҳукмронлиги даврида Кичик Осиёдаги насронийлар Византия империясининг зулмидан халос бўлиш умидида турклардан ўз давлатларига қўшиб олишни сўраганлар”.
Эътиқодлари учун таъқиб, ўлим ва ваҳшийликларга дучор қилинган, кейинчалик Испания, Португалия католик ҳукмдорлари томонидан қувғин қилинган яҳудийлар Усмонли салтанат ерларида ором-осойишталик топишди. Султон Боязид Иккинчи 1492 йиллари Испаниядан қувғин қилинган яҳудийларни қўл остидаги Эдирна, Ливадия, Тархала шаҳарларига жойлаштирди. Мовароуннаҳр ҳукмдори Амир Темурнинг салтанатига қарашли барча шаҳарларда ғайримуслим фуқароларга ҳам эркин яшаш, динлари ва урф-одатларига бемалол амал қилиш ҳуқуқи бериб қўйилган эди.
41. Уларга ер юзида имкон берсак, намозни тўкис адо этадилар, закотни берадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар. Ишларнинг оқибати Аллоҳнинг измидадир.
Ояти каримадаги «Уларга ер юзида имкон берсак» жумласидан «макон берсак» маъноси ҳам, «ер юзида нусрат, ғалаба берсак» маънолари ҳам англашилади. Аллоҳ таоло айтяптики, диёрларидан «Парвардигоримиз Аллоҳдир» деганлари учун ҳайдаб чиқарилган мусулмонларга ер юзида макон, нусрат, ғалаба, яъни имкон берсак, улар намозни мукаммал, барча арконларига риоя қилиб адо этадилар, закотни ҳақдорларга берадилар, бошқаларни яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтарадилар. Ишларнинг оқибати эса Аллоҳ таолонинг изми-ихтиёридадир. Яъни, Аллоҳ азза ва жалла Ўзи хоҳлаган оқибатни юзага чиқаради, истаса мағлубиятни ҳам зафарга айлантириб юборади.
Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан кайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат этадилар. Аллоҳ айнан шундайларга марҳамат кўрсатади. Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (Тавба, 71). Зеро, чин мўминлар намозларини ўз вақтида, барча арконларини ўрнига қўйиб адо этишади, закотларини Аллоҳ буюрган эгаларига беришади. Намозни барча арконларига риоя қилган ҳолда мукаммал адо этиш ва закот-садақаларни Аллоҳ буюрган тоифадаги ҳақдорларига бериш Ислом дини буюрган фарз амаллардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларда намознинг ниҳоятда муҳимлиги ва фазилати ҳақида жуда кўп зикр қилинган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз намозлар орасидаги ҳамда жума намози жумадан-жумагача бўлган гуноҳларга каффоратдир - агар катта-кабира гуноҳлардан сақланилган бўлса», деганлар (Муслим ривояти); Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий алайҳиссаломнинг йўлларини тўсиб чиқиб: «Жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзаҳдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», деди. У зот: «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан, намозни адо қиласан, закотни берасан, силаи раҳм қиласан», дедилар» (Бухорий ривояти).
Юқоридаги оятларда нусрат-ғалаба ва ёрдам мусулмонларга бўлиши муқаррар экани айтиб ўтилгач, келгуси оятларда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга таскин бериб, у кишига Ўзи ёрдам беришини, олдин ўтган пайғамбарларга ҳам Ўзи ёрдам берганини эслатади:
42. (Эй Муҳаммад), агар улар сизни ёлғончига чиқаришаётган бўлса, булардан олдин Нуҳ қавми, Од ва Самуд ҳам ёлғончига чиқаришган эди;
Яъни, эй Пайғамбарим, мушрик кимсалар оятларимизни инкор қилиб, сизни ёлғончига чиқаришаётган бўлса, бундан асло хафа бўлманг, ғамга ботманг. Улар ёлғончига чиқараётган биргина сиз эмассиз, бундан олдин ҳам Нуҳ қавми, Од ва Самуд қабилалари ҳам пайғамбарларини ёлғончи қилишган.
43. Иброҳим қавми ва Лут қавми ҳам.
Худди юқорида зикри келган жоҳил қавмлар каби Иброҳим алайҳиссалом ва Лут алайҳиссаломнинг қавми ҳам ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқаришган.
44. Мадян аҳолиси ҳам. Мусо ҳам ёлғончига чиқарилди. Мен кофирларга бир оз муҳлат бериб, сўнг уларни ушладим. Энди Менинг инкорим қандай бўлди?!
Мадян - Қулзум (Қизил денгиз)нинг юқорисида, Табук шаҳридан икки юз чақиримча узоқликдаги катта шаҳар бўлган. Аллоҳ таоло Шуъайб алайҳиссаломни мадянликларга пайғамбар қилиб юборган эди. Шуъайб алайҳиссалом қавмини Аллоҳ таолога ибодат қилишга, фисқ-фасоддан узоқ бўлишга, гуноҳлардан тийилишга ва зулм қилмасликка чақирди. Аммо Мадян аҳли Шуъайб алайҳиссаломни ёлғончига чиқарди, унга итоат қилмади. Шунда Аллоҳ таоло осий қавмнинг устига Ўз жазосини юборди. Аллоҳ таоло айтади: “Шунда уларни зилзила ушлади ва уйларида тиз чўкиб ҳалок бўлишди. Шуъайбни ёлғончига чикррганлар у ерда яшамагандай бўлишди, Шуъайбни ёлғончига чикарганларгина зиёнга учрашди” (Аъроф, 91-92).
Шунингдек, Мусо алайҳиссалом ҳам Фиръавн ва унинг одамлари томонидан ҳам, амакиваччаси Қорун томонидан ҳам ёлғончига чиқарилган эди. Бойлиги ҳаддан ошиб, туғёнга кетган Қорун бир бузуқ аёлга қорнидаги болани Мусо алайҳиссаломники деб айтишни буюради. Қуруқ туҳматга қолган Мусо алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилади ва Қорунни жазолашни сўрайди. Тезда Аллоҳнинг азоби келиб, Қорунни барча бойликларию муҳташам қасрлари билан бирга ер ютиб юборади. Демак, кофирларнинг одати ҳамиша шундай бўлган. Улар ўзларининг жоҳилликларини яшириш, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилиш учун пайғамбарларни ёлғончига чиқаришган, улар олиб келган таълимотларни назарга илишмаган. Аммо тез орада улар Аллоҳнинг қаттиқ азобига гирифтор бўлишган. Аллоҳ таолонинг набийларини инкор қилганларнинг аҳволи ана шундай ҳалокатли, расво ҳолда хотималанади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Қорун, Фиръавн, Ҳомонни ҳам ҳалок қилдик. Мусо уларга ҳужжатларни келтирганида улар Ерда кибру ҳаво килдилар ва (лекин Аллоҳдан) ўзиб кетувчи бўлмадилар” (Анкабут, 39).
45. Қанчадан-қанча шаҳарларни золим ҳолларида ҳалок қилдик. Энди улар шифтлари қулаган, ташландиқ қудуқ, баланд қаср (ҳолидадир).
Тарихга назар солсангиз, бир вақтлар гуллаб-яшнаган, юксак тамаддунларга эришган, муҳташам қасрлари, гўзал боғлари билан танилган катта-катта шаҳарлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан ҳалок қилиниб, ер юзидан супуриб ташланган. Бугунги кунда уларнинг қолдиқлари, осмонўпар қасрларнинг устунлари, парча деворлари, сувсиз қудуқларигина келгуси авлодларга ибрат ўлароқ сақланиб қолган. Ҳақиқатан, сайёҳлар бориб кўрадиган Ўрдун (Иордания), Сурия, Миср, Греция, Италия каби мамлакатлардаги ўтмиш обидаларидан фақат устунлар ёки деворнинг бир тарафи сақланган, бирортасининг шифти йўқ. Шифтлари қулаб ётган бу саройларда бир вақтлар одамлар зебу зийнат ичида, тўкин-фаровон яшашган, мол-дунё йиғишган, жамиятдаги бойликлари ва обрўлари билан мақтанишган, айшу ишратда, ҳеч бир завол кўрмай ҳаёт кечиришган. Бир куни келиб, бу шаҳарлар ҳалокатга юз тутди, одамлари тутдай тўкилиб, қирилди. Қурган қасрларининг шифтлари қулаб, фақат пойдеворлари ёки битта-яримта устунлари қолди. Мўл зилол сувли қудуқлари ҳам бугун қуриган, ташландиқ ҳолатда ётибди. Энди шундай савол туғилади: “Аллоҳ нега бу гўзал ва муҳташам шаҳарларни ер юзидан йўқ қилиб юборди?” Чунки уларнинг аҳолиси кофир эди, бу билан ўз жонига золим эди. Парвардигорнинг ваҳийларини инкор қилар, пайғамбарларини ёлғончига чиқариб-масхаралар, осийлик ва залолат йўлини тутган эди. Уларнинг бу қилмишлари учун Аллоҳнинг азоби тезда келди: зилзила, тўфон, бўрон каби сабаблар билан шаҳарлари ер юзидан йўқ қилиб ташланди. Кейинги қавмлар бундан ибрат олиши, хулоса чиқариши лозим эди. Аммо улар ҳам осийлик йўлини тутди: Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончи қилди, у зотни масхаралаб хўрлади, шаҳарларидан қувиб чиқарди. Макка мушриклари ҳам ўтмишда ҳалокатга учраган қавмларнинг хатосини айнан такрорлади.
46. Ахир улар Ер юзида юрмайдиларми, шунда уларда идрокли қалблар, эшитадиган қулоқлар бўларди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, кўксиларидаги қалблар кўр бўлур.
Аллоҳнинг Пайғамбарига итоатсизлик қилиб, илоҳий ваҳийни тан олмаётган ўша кофир кимсалар Ер юзида айланиб, Аллоҳ ҳалок қилган юртларнинг ҳолатини кўришсин. Улардан фақат ташландиқ харобаларгина қолганига гувоҳ бўлишсин. Бундан ибратланиб, Парвардигорнинг шу каби азоби келишидан қўрқишсин. Уларни кўриб, тафаккур қилганларида қалблари таъсирланиб, ақллари кирган бўлар эди. Шифти қулаб тушган уйлар, ташландиқ қудуқлар, ҳувиллаб қолган қасрлар уларга яхшигина сабоқ бўларди. Кўзлар билан кўрилсаю, қалблар билан ибрат олинмаса, бундай кўрилган нарса кўрилмаган кабидир. Бу ҳолатда кўзлар очиқ, соғ, аммо қалб кўзи кўр, носоғ бўлур. Мана шу ҳақиқий кўрлиқцир. Солиҳ Марқадий баъзи диёрлардан ўтиб кета туриб шундай савол қилди: «Сенинг олдингги аҳлларинг қаерда қолди? Олдинги обод қилувчиларинг қаерда қолди? Эски истиқомат қилувчиларинг қаерда қолди?». Шунда ғойибдан бир овоз келди: «Дунёдан уларнинг излари ўчди. Жисмлари тупроқ тагида чириб битди. Амаллари эса бўйинларида маржон бўлиб қолди». Шайх Иброҳим Адҳам айтибди: «Мўмин кишининг белгиси учтадир: сукути фикр бўлади; назари ибрат бўлади; юргани тоат бўлади».
47. Сиздан азобнинг тезроқ келишини сўрашади. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига зинҳор хилоф қилмайди. Дарҳақиқат, Парвардигорингиз ҳузуридаги бир кун сизларнинг ҳисобингиздаги минг йил кабидир.
Яъни, эй Пайғамбарим, кофирлар шошилиб, Аллоҳ ваъда қилган қиёмат азобини тезлаштиришни сиздан сўрашяпти. Ҳақиқат шуки, Аллоҳ азза ва жалла ваъда қилган нарсани амалга оширмай қолмайди, ирода қилганини албатта юзага чиқаради. У ҳеч қачон ваъдасига хилоф иш қилмаган. Шунинг учун кофир кимсалар Аллоҳнинг азобини тезроқ юборишини сўраб, ўз жонларига зулм қилишмасин. Лекин Аллоҳнинг ҳақ вадаси рўёбга чиққанида уларнинг ҳоли ниҳоятда ёмон бўлади: қиёмат шунчалар ваҳшатли ва даҳшатлики, унинг бир куни дунёда инсонлар ҳисоблайдиган минг йил каби бўлади. Бу ҳолатни кўрган осийлар шошилтирганларига минг бор пушаймон бўлиб, афсус-надоматлар чекишади, аммо энди буларнинг асло фойдаси бўлмайди. Кофирларнинг қилмишлари ҳамиша шундай бўлган: ўзларидан олдин ўтганларнинг ҳалокатини, ҳалокатга учраш сабабларини кўра-била туриб ҳам олдингиларнинг хатоларини такрорлайверадилар. Уларга «Куфр келтирманглар, исён қилманглар, яна аввал ўтган кофирларга келган азоб сизларга ҳам келиб қолмасин» дейилса, ўша азобнинг тезроқ келтирилишини сўрашаверади. Бу билан ўзларига Аллоҳ томонидан вақтинча муҳлат бериб қўйилганини тушунмай, ғурурга кетадилар, Пайғамбарни масхара қиладилар. Уларга азоб келишини Пайғамбар ўзидан чиқариб айтгани йўқ. У Аллоҳнинг ҳақ ваъдасини етказди, холос.
48. Қанчадан-қанча шаҳарларга золим ҳолида ҳам муҳлат бериб, сўнгра уларни тутдим. Қайтиш фақат Менгадир.
Яъни, Аллоҳ азза ва жалла марҳамат этяптики, Парвардигорнинг амр-фармонларини инкор қилиб, Унинг пайғамбарларига итоатсизлик кўрсатаётган қанчалаб шаҳарлар аҳолисини золим ҳолида ҳам дарров жазолашни истамадим, уларга маълум бир муҳлат бериб қўйдим. Бирор қавмни Аллоҳ таоло маълум кунлар жазоламай, ўз ҳолига ташлаб кўйиши уларга қилинган марҳамат эмас, балки буюк Парвардигорингизнинг синовидир. Бу уларнинг илоҳий жазодан қутулиб қолганларини англатмайди. Дарҳол азоб келмаганига алданиб, кофирлар ғурурга кетишмасин, «Қани, ваъда қилган азобинг, тезроқ келмайдими?!» деб Пайғамбарни масхара қилишмасин. Менинг иродам шундай: исёнлари ва зулмларига қарамай, кофирларга муҳлат бериб, уларни ўз ҳолига ташлаб қўяман, азобимни бироз кечиктириб тураман. Анави мушрик-кофирлар ҳам кўп шошилмай туришсин. Вақти-соати келганида албатта уларни ҳам қаттиқ азобга тутишим бор. Улар барибир Менинг азобимга дучор бўлишади. Чунки ҳаммалари фақат Менинг ҳузуримга қайтишади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Агар Аллоҳ одамларни зулмлари сабабли тутганида ерда бирор жонзотни крлдирмаган бўларди. Лекин уларни маълум муддатгача кўйиб беради. Ўша муддат келганида эса, уни бирор соат ортга ҳам, олдинга ҳам сура олишмайди” (Наҳл, 61).
49. (Эй Муҳаммад), «Эй одамлар! Мен сизларга фақат очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», денг.
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, одамларга гапнинг очиғини айтиб қўйишга буюради: эй Пайғамбарим, уларга шундай деб айтинг: «Менинг вазифам фақат огоҳлантириш, холос. Сизларга азоб келтириш ёки уни ортга суриш менинг вазифам эмас. Бу ишлар буюк Аллоҳнинг изни-иродаси билан бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), ҳақиқатан Биз сизни гувоҳлик берувчи, хуш-хабар етказувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборгандирмиз” (Фатҳ, 8);
50. Имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга мағфират ва карамли ризқ бордир.
Динимиз яхши ниятлар ва яхши амаллар динидир. Мусулмонликнинг асл моҳияти ҳам имонга келиш ва солиҳ амаллар қилишдир. Яхши ниятли, солиҳ амаллар қилувчи мўмин саодатманд инсондир. У мўмин ҳолида ҳаётининг ҳар нафасини, ҳар бир ҳаракатини Аллоҳ учун ибодатга айлантиради. Имонли банда шундайин бахтлики, у динимиз кўрсатмаларини бажара бориб, уларга мослаб ҳаёт кечирса, унинг оддий турмуши ҳам ибодатга, охиратда ажр-мукофотларга эришиш имкониятига айланади. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирганлар учун тайёрлаб кўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилинглар! Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир” (Ҳадид, 21). Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳтаоло фарз этган амалларни адо этиш энг афзал амал бўлади. Аллоҳ таоло ҳаром этганидан қайтиш парҳезкорлик (диёнат)дандир. Бу Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсаларда тўғри, рост ният қилишдир». Имон келтириб, ортидан солиҳ амалларни қилган мусулмон бандаларнинг гуноҳларини мағфират қилиш ҳақиқатдир. Сўнгра уларни икромли ризқдан баҳраманд қилиш ҳам ҳақдир. Қуръони каримда «карамли ризқ» дейилганида аксари ҳолларда жаннат кўзда тутилади. Демак, имон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга жаннатда турли анвойи неъматлар, осуда ва бахтли ҳаёт, энг асосийси Ҳақ таолонинг дийдори насиб бўлади.
51. Оятларимизни ожиз қолдиришга уринганлар - ана ўшалар дўзах эгаларидир.
Аллоҳ таолонинг оятлари одамларга етиб бормаслиги, бу оятларнинг инсонларга таъсир ўтказмаслиги учун ҳаракат қиладиган кимсалар барча замон ва маконларда бўлган. Аммо улар билиш-майдики, Аллоҳнинг оятларини тўсишга, уларни тўхтатиб қолишга қодир бўлган куч дунёда йўқдир. Чунки бу жуда маҳол иш, кимдир зўравонлик билан шу ишга қўл урса, ниятига ета олмайди. Чунки ўта қудратли, ҳамма нарсага қодир Зотнинг ваҳийларини тўсишга ҳеч бир кимса эриша олмайди. Қуёшнинг нурлари ҳамма нарсадан ўтиб, тўсиқларни четлаб, ер юзига ҳаёт бағишлагани каби Аллоҳнинг оятлари инсонларни ҳақ йўлга чорлаб, уларга икки дунё саодатини қўлга киритишда муҳим дастур бўлиб қолаверади. Аллоҳнинг оятларини тўсиб, уларни ожиз қолдиришга уринганлар эса жазоларини албатта олишади - мангу азоб-қийноқ жойи бўлмиш дўзахга тушишади.
52. (Эй Муҳаммад), Биз сиздан олдин юборган ҳар бир расул ва набий борки, у бирор нарсани таманний қилганида шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлсин. Шунда Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказади. Сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилади. Аллоҳ билувчи, ҳикматлидир.
Ояти каримани тафсир қилишдан аввал ушбу оятда ёнма-ён келган «расул ва набий» сўзларининг фарқи ҳақида қисқача тўхталиб ўтайлик. Бу икки сўз тилимизда “пайғамбар” маъносини англатса-да, уларнинг ҳар бирида ўзига хос маъно, фарқ бор. Шариат урфига кўра, «расул» ўзига ваҳий (китоб) келган ва ўша ваҳийни ўзгаларга етказишга масъул бўлган зотдир. «Набий» эса ўзига ваҳий келган-у, уни бошқаларга етказишга масъул бўлмаган кишидир. Расул янги шариат билан келади. Набий эса янги шариат билан келмайди, балки ўзидан олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам унга амал қилишга чақиради. Шунга биноан, ҳар бир расул набий саналади, аммо ҳеч бир набий расул эмас. Бани Исроилда набийлар кўп бўлган, уларнинг барчасига ваҳий келган, аммо ҳаммалари Мусо алайҳиссаломнинг шариатларига даъват қилишган. Яна бир муҳим томони ҳам борки, оятнинг маъносини турли томонга буриш имкони ҳам бор. Бундан Ислом душманлари фитна чиқаришган, айрим муфассирлар бундан таъсирланишган ҳам. Яна бошқалари эса бу таъсирдан қочмоқчи бўлиб, маънони бошқа томонга буришган.
Ояти каримадаги биринчи жумла - “Биз сиздан илгари юборган ҳар бир расул ва набий борки, у бирор нарсани таманний қилганида шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлсин” жумласини «Ҳар бир пайғамбар албатта шайтон васвасасига учраган» деган маънода тушунганлар ҳам бўлган. Уларнинг бундай фикрга келишларига эса шу ва ундан кейинги икки оятнинг нозил бўлиши ҳақида келтирилган асоссиз ва нотўғри ривоятлар сабаб бўлган. Бу пайғамбарлар шаънига, хусусан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаънларига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолдир. Аввало, бу ривоятлар Ислом душманлари томонидан тўқилиб, ёмон ғараз билан киритилгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Эътимодли уламолар мазкур ривоятларнинг ҳеч бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга асло тегишли бўлмаганини исбот қилишган. Жумладан, ҳофиз Ибн Касир бу ривоятларнинг ҳаммасини инкор этганлар. Бошқа олимлар ҳам бунга қўшилишган.
Энди мазкур ривоятларнинг маъносига келсак, улар Ислом ақидасига, Қуръон ва Суннат таълимотларига мутлақо зиддир. Ислом ақидаси бўйича, барча пайғамбарлар маъсумдирлар, яъни хато, гуноҳ қилишдан уларни Аллоҳнинг Ўзи сақлаган. Акс ҳолда, пайғамбар бўлишлари мумкин эмас эди. Қуръони карим барча пайғамбарларнинг бундай хатолардан поклигини баён қилиб келган. Хусусан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ҳам бу маъно мустаҳкам равишда собитдир. У зот ҳаводан гапирмасликлари, фақат Аллоҳдан келган ваҳийнигина сўзлашлари таъкидланган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам худди шу маъно собитдир. Луғат жиҳатидан олинадиган бўлса ҳам «таманний» сўзи ҳеч бир ҳолда «тиловат» ёки «қироат» маъносида ишлатилмайди. Араб тилининг кўп асрлик тарихида бу иш умуман кўрилган эмас. «Таманний» сўзи араб тилида «юксак орзу» (ажнабий тилдаги «идеал») маъносини англатади. Шунинг учун ҳам ояти карима маъносини таржима қилишда бу сўзни шу ҳолича қолдириш маъқул кўрилди.
Маълумки, пайғамбарлар (алайҳимуссалом) Аллоҳ таолодан ваҳий орқали амрларни қабул қилиб олишга, уларни кишилар ҳаётига татбиқ қилишга масъул зотлардир. Улар кишиларнинг илоҳий даъватни кўпроқ қабул қилишларига, дунёда кофир кимса қолмаслигига, илоҳий амрларнинг тўлиғича татбиқ бўлишига қаттиқ уринган кишилардир. Улар бу маънода энг олий орзу эгалари бўлганлигида шубҳа йўқ. Аллоҳнинг ҳикмати эса бошқа ҳолни - мўминлар билан бирга кофирларнинг ҳам бўлишини, даъват йўлида турли қийинчиликлар дуч келишини тақозо қилиши мумкин. Пайғамбарлар қачон инсонлик сифатлари билан олий орзуга берилиб, воқеъликдан ранжишганида Аллоҳ уларга Ўз ҳикматини эслатиб турган. Кўпгина уламолар ушбу оятдан худди шу маъноларни тушуниш кераклигини таъкидлашган. Зотан, Ҳаж сурасида шу оятга қадар кофир ва мушрикларнинг кирди-корлари, имондан қочишлари ҳақида сўз юритилиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «Мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», дейиш таъкидлаб келинаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса олий орзу оғушида бўлиб, ҳамманинг, иложи борича кўпроқ одамнинг имонга келишини истар эдилар. У зотнинг бундай ҳолатлари бошқа сураларда ҳам баён қилинган.
Ушбу ояти каримада эса бундай олий орзу бошқа расул ва набийларда ҳам бўлгани, бу кўпроқ шайтон томонидан нотўғри фикр ёки ҳолатларга олиб бориши мумкинлиги, аммо Аллоҳ доимо пайғамбарларини бундан сақлаб келгани айтилмоқда. Ушбу ҳолат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида бир неча марта кўрилган. У зотнинг даъватни энг тўғри ва кучли йўлда олиб бориш билан бирга, олий орзу оғушида душман қабиланинг зодагонларига кўпроқ эътибор беришлари мана шу ҳолатни пайдо қилди. Худди шу нарса шайтоннинг даъват ишига шубҳа солишга уриниши бўлиб қолиши мумкин, деб баҳоланмоқда. Аллоҳ таоло Ўзи бу ишга аралашиб, муҳкам оятларини нозил қилди ва энг тўғри ҳукмни янада маҳкамламоқда. Шайтон киришга ҳаракат қилиши мумкин бўлган дарчани яна ҳам қаттиқроқ беркитмоқда.
53. Шайтон ташлайдиган нарса (Аллоҳнинг) дилида касали борлар ва қалби тошларни фитна қилиши учундир. Албатта золимлар узоқ ихтилофдадирлар.
Қадимдан одат бўлиб келганки, бирор набий ёки расул сўз айтадиган бўлса ёхуд Аллоҳнинг оятларини ўқиб эшиттирса, шайтон дарҳол ўша сўз ёки оят ҳақида ҳар хил шубҳалар солишни бошлайди. Шайтоннинг мана шу ҳийласини даф қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг оятларини мутлақо соф ҳолда, қатъият билан, аниқ ҳолда ўқиб эшиттирдиларки, токи шайтон буларнинг маъносига дахл қила олмасин, кўнгилда ҳар хил шубҳа-гумонлар қолмасин. Шайтоннинг дилларга солувчи иштибоҳларига, шак-шубҳаларига асосан икки тоифа - “қалбида касали борлар”, яъни мунофиқлар ва “қалби тошлар”, яъни мушриклар ишонади. Бу ҳам уларни Аллоҳ таоло томонидан имтиҳон қилиш бўлиб, дилида касаллиги борлар ва қалби тош қотганлар асоссиз шубҳаларга берилишади ва гуноҳлар гирдобига йиқилишади. Демак, пайғамбарларнинг гоҳида олий орзуга берилишлари, шайтон шубҳа ташлаб, ундан фойдаланиб қолишга уриниши, аммо Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани маҳв этиб, Ўз оятларини мустаҳкам қилиши мунофиқ ва мушрикларни фитнага солиш учун экан. Чунки ана шундай гумроҳ кимсалар ҳақдан узоқ бўлган ҳолларида Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ишларига қарши чиқиб, беҳуда тортишиб юришади.
54. Илм берилганлар эса, унинг Парвардигорингиздан келган ҳақ эканини билиб, унга имон келтиришлари ва қалблари унга боғланиб, таскин топиши учундир. Аллоҳ имон келтирганларни албатта тўғри йўлга ҳидоят қилувчидир.
Ўзларига Аллоҳ томонидан илм берилган саодатманд инсонлар Қуръони каримни Парвардигорлари томонидан келган ҳақ деб билишади ва унга қатъий имон келтиришади. Аллоҳнинг Каломига қалблари билан маҳкам боғланиб, диллари шу билан таскин топади ва бутун ҳаётлари давомида ана шу илоҳий дастурга мувофиқ иш тутадилар. Ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таоло Ўзига ва Китобига имон келтирганларни Ўзининг ҳақ йўлига, ҳидоятга йўллаб қўяди. Ушбу ояти каримадаги «илм берилганлар» деганда мусулмонлар назарда тутилган. Демак, бу ҳолат мўминларнинг Қуръони карим Аллоҳ таолодан келган ҳақ эканини яна бир бор билишларига, унга бўлган имонларининг янада қувватланишига, қалблари Қуръони каримга қаттиқроқ боғланиб, таскин топишига сабаб бўлади. Мисол учун, муфассир уламолар Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қиссасини Қуръон Аллоҳнинг каломи эканига энг улкан далил қилиб келтирадилар. Улар: «Агар Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари бўлганида, у зот ўзларини дўсту душман ичида хижолатга қўймас эдилар, Қуръон ҳақиқатдан ҳам Аллоҳнинг каломи бўлганидан Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг ёнини олиб, ожиз кишига эътиборсиз бўлганлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни итоб қилувчи оятлар нозил бўлди», дейишади. Бундай ҳолатни кўрган оз сонли мусулмонлар Қуръон Аллоҳ томонидан келган ҳақ эканига яна бир бор гувоҳ бўлдилар. Унга бўлган имонлари яна ҳам қувватланди, қалблари Қуръонга яна ҳам қаттиқроқ боғланиб, тас-кин топди.
55. Куфр келтирганлар уларга қиёмат тўсатдан келмагунча ёки “туғмас” Куннинг азоби келмагунча, ундан ҳамиша шубҳададирлар.
Шайтон дилларига солган шубҳалардан таъсирланиб, диндан чиққан ёки динни қабул қилмаган куфр эгалари Қуръони карим ҳақида ҳамиша шак-шубҳада бўлиб келишади. Улар “Қуръонни Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ўзи тўқиганмикин ёки аввалги китоблардан кўчириб олганмикин, балки Қуръон олдингиларнинг афсоналаридир, эҳтимол уни шоирлар кўплашиб қоғозга туширгандир” каби бемаъни гумонларга бораверишади. Улар қиёматга-ча, бошларига қиёматнинг шаксиз азоби келмагунча ана шу бузуқ эътиқодларида қолишади. Қиёмат келганида эса уларнинг кўзи ярқ этиб очиладию, аммо унда вақт ўтган бўлади. Ушбу ояти каримада қиёматнинг икки сифати келган: Соъат ва “туғмас кун”. Соъат қиёматнинг номларидан бири бўлиб, тўсатдан келишига ишорадир. Унинг “туғмас кун” деб таърифланиши эса, унинг эртаси бўлмаслигидан, қисир сигир каби туғмаслигидан ва осий кимсаларга бирор яхшилик чиқмаслигидандир. Кофирлар қиёматгача Қуръони карим Аллоҳ таолодан келган ҳақ эканига шубҳада бўладилар, шу боис унга имон келтирмайдилар ва бу билан фақат ўзларига зиён қиладилар, холос.
56. У Кунда ҳукмронлик фақат Аллоҳга хосдир. Улар ўртасида Ўзи ҳукм қилади. Имон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар ноз-неъмат жаннатларидадир.
Эртаси йўқ кун - қиёмат тўсатдан қоим бўлганида замину коинотда, бутун борлиқда ҳукмронлик фақат Аллоҳники бўлади. Ҳеч бир зот Унинг ишига аралаша олмайди, қарорини ўзгартирмайди, фармонидан бўйин товламайди, бирор банданинг орасига туша олмайди. Бу кунда ҳукм юритиш фақат Парвардигорнинг Ўзига хос бўлади. Чунки бутун оламларни яратган, уларга ҳаёт бағишлаган, Ўз низоми билан бошқарган Зот ҳукмронлик қилмай, ожиз ва нотавон инсонлар ҳукм юритармиди! Ўша куни Аллоҳ таолонинг ҳукми инсонларнинг эътиқодлари ва қилган амалларига қараб бўлади. У Зот мўмин-мусулмонларга Ўзи ваъда қилган мукофотини беради: дунё ҳаётида имон-эътиқод ва солиҳ амаллар билан ўтган саодатманд кишилар ноз-неъматларга тўла жаннат боғларида роҳат-фароғатда ҳаёт бошлашади.
57. Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларга, ана ўшаларга хорловчи азоб бордир.
Кофир ва мушрик ҳолида ўтган кимсалар Аллоҳ таолонинг оятларини ёлғонга чиқарганлари, Пайғамбар алайҳиссаломга итоатсизлик кўрсатганлари учун дўзах чоҳларига ташланади. Улар ўша машъум жойдаги ўзлари рўпара бўлган оғир қийноқ ва аламли азобларни кўриб, хор ва залил ҳолга тушишади. Демак, ҳар ким бу дунёда қилганига яраша жазо ёки мукофотини олади. Ким имон билан ўтган бўлса жаннатда, ким куфр ва ширк гирдобида сузган бўлса, дўзахда бўлади.
58. Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганлар, сўнгра ўлдирилган ёки вафот этганларни Аллоҳ албатта гўзал ризқ билан ризқлантиради. Дарҳақиқат, Аллоҳ ризқ берувчиларнинг яхшисидир.
“Ҳижрат” сўзи луғатда «кўчиш, бирор нарсадан ажраш» маъноларини билдиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотга эргашган мусулмонларнинг маккалик мушриклар таъқиби ва зулмидан жон сақлаш мақсадида Ҳабашистон ва Мадинага кўчишлари «ҳижрат» деб аталган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 622 йил 23 сентябрда икки туя ва тўрт кишилик гуруҳ билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганлар. Мадинага ҳижрат қилганлар «муҳожирлар» деб юритилган. Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқлиги ҳадисларда қайд этилган. Ҳижрат барча пайғамбарлар, улуғ зотлар бошидан ўтказган ҳолатдир. Исломда эса ҳижрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот саҳобаларининг бир қисми ҳаётидаги катта синовдир. Аллоҳ таоло уларнинг Маккадан Мадинаи мунавварага қилган ҳижратларидан сўнг Исломга фатҳу футуҳ, шону шавкат берди. Ҳижрат Аллоҳ йўлидаги буюк фидокорликдир. Шунинг учун ҳам у Исломда юқори баҳоланади. Муҳожирлар мадҳи Қуръони каримда, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам кўплаб зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ муҳожир ва ансорларнинг аввалги пешқадамларидан ва яхши ишларда уларга эргашганлардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлишди. Яна У улар учун остидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий яшаладиган жаннатларни тайёрлаб куйди. Мана шу энг олий саодатдир!” (Тавба, 100). Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан омонда бўлган одам мусулмондир. Аллоҳ қайтарган нарсадан узоқда бўлган одам муҳожирдир», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).
Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганларнинг мадҳи келмоқда. Маълумки, бу оят мўминларга кофирлар билан уруш қилишга изн берилганидан кейин нозил бўлган. Уруш бўлганидан кейин ўлим ҳам бўлади. Урушда эса муҳожирлар ҳам қатнашган. Аммо оятда урушда ўлмай, ўз ажали билан вафот этган муҳожирларни ҳам Аллоҳ таоло албатта гўзал ризқ билан, яъни жаннат ҳаёти билан ризқлантириши ҳақида сўз кетмоқда. Бу эса ҳижратнинг фазли нақадар улуғ эканини кўрсатади.
59. У Зот уларни ўзлари рози бўладиган жойга киритади. Дарҳақиқат, Аллоҳ билувчидир, ҳилмлидир.
Яъни, мусулмонларнинг бу жамоаси Аллоҳ йўлида азиз ватанларини,яқинларини, мол-мулкларини ташлаб чиқишди. Шунинг учун улар хоҳ урушда ҳалок бўлишсин, хоҳ вафот этишсин - ҳар икки ҳолатда ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида улар учун ажойиб сийлов ва меҳмондорчиликлар бор. Аллоҳ таоло муҳожирларни ўзлари рози бўладиган жаннатга киритади, уларнинг емаги, ичмаги ва бошқа эҳтиёжлари ўзлари истагандай қондирилади. У Зот кимни қаерга киритишни, душманлари томонидан муҳожирларга кўрсатилган тазйиқ ва таъқибларни яхши билувчи Зотдир. Шу боис, Аллох азза ва жалла муҳожирларнинг гўзал ризққа сазоворлигини яхши билганидан уларни жаннатга киритади, Ўзининг ҳилми туфайли уларга асло ғазаб қилмайди ёки танбеҳ бермайди. Муҳожирларнинг душманларига жазо беришда ҳам Ҳақ таоло асло шошилмайди, жазосини маълум муҳлатга кечиктириб, ҳалимлик билан иш кўради
60. Мана шундай! Ким ўзига берилган азият баробарида ўч олсаю, сўнгра унга яна зулм қилинса, Аллоҳ унга албатта ёрдам беради. Дарҳақиқат, Аллоҳ афв қилувчидир, мағфиратлидир.
Яъни, бир мазлум киши золим томонидан ўзига етказилган азиятга яраша ўч олсаю, кейин золим кимса унга яна азият ва жабр етказишда давом этаверса, бу ҳолда Аллоҳ таоло зулм кўраётган кишига албатта Ўз ёрдами ва нусратини (зафарини) юборади. Чунончи, Бадр жангида мусулмонлар Макка мушрикларидан ўчларини олишди, кейин кофирлар яна уларга таъқиб ва тазйиқ ўтказишни тўхтатмади. Шунда Аллоҳ таоло бошқа ғазотларда мусулмонларга Ўз ёрдами ва нусратини берди. Чунки мазлум зулм қилмаяпти, ҳаддидан ошмаяпти, фақат ўз ҳаққини талаб қиляпти, холос. Бошқа томон эса аввал ноҳақдан тажовузкорлик қилган эди. Тажовузига яраша жавоб келганида, ҳолатни тушуниб, ўзини зулмдан тийиши керак эди. Аммо у яна тажовузкорлигини қилаверди ва Аллоҳнинг ғазабига учради. Аллоҳ афв қилувчи, мағфиратли Зотдир. Фақат У Зотгина бандалар Ўзига нисбатан ноҳақ зулм қилсалар ҳам, куфр келтирсалар ҳам, уларни афв этади ва гуноҳларини мағфират қилади. Одамлар эса зулмга учрашлари билан бир-бирларидан қасос олишга тушадилар.
61. Зеро, Аллоҳ кечани кундузга киритади ва кундузни кечага киритади. Аллоҳ эшитувчидир, кўриб турувчидир.
Қуръони каримнинг бир неча сураларида Аллоҳтаоло томонидан кеча ва кундузнинг алмаштириб турилиши ҳақида сўз боради. Бу ҳодиса Қуръони каримда гўзал бир манзара орқали васф қилинади: “кечани кундузга киритади, кундузни кечага киритади”. Ҳақиқатан тонг отиши билан тун ўз ўрнини унга бўшатиб беради, яъни кундуз кечанинг ичига киради. Кеч бўлиши билан кундуз кечага ўз ўрнини беради, яъни кеча кундузнинг ичига кириб боради. Бу жараён олам яралганидан буён ҳеч бир ўзгаришга учрамай, бири бошқасидан ортда қолмай, кечикмай, бир маромда давом этиб келмоқда ва қиёматгача шундай давом этажак! Буни Аллоҳга куфр келтириб, мутакаббирлиги ва ғуруридан гердайиб юрган одамлар ҳам, бошқалари ҳам амалга ошира ол майди, кечиктириш ёки тезлаштиришга ҳам қодир эмас. Буни фақат Аллоҳ таологина қилади. Аллоҳнинг бу ишини ҳеч ким тўхтата олмаганидек, У Зотнинг мазлумларга ёрдам беришини ҳам ҳеч ким тўхтата олмайди. Чунки У Зот борлиқдаги ҳамма нарсани энг майда-чуйдасигача кўриб-билиб туради. Худди шунингдек, У ким бошқаларга зулм қиляптию, ким мазлумлик азобини чекяпти, буларни ҳам яхши билиб туради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ азза ва жалла дунёда золим, дасти узун кимсаларнинг зулми остида эзилаётган, зулм кўраётган инсонларга албатта Ўз ёрдамини бермай қўймайди.
62. Чунки Аллоҳнинг Ўзигина ҳақдир, Ундан бошқа сиғинаётганлари эса ботилдир. Аллоҳ Олийдир, Улуғдир.
Аллоҳ таолонинг Ўзигина ҳақ бўлгани, мушрик-кофирларнинг сиғинаётганлари ботиллиги туфайли У мазлумларга нусрат беради, уларни қўллайди, мададкор бўлади. Агар Аллоҳ ҳақ бўлмаса, мазлум мусулмонларга ҳеч ким нусрат бермаган бўларди. Агар Аллоҳдан ўзга сохта “илоҳ”лар ботил бўлмаганида, уларга эътиқод қилаётган мушрик ва кофирлар ҳам нусратсиз қолишмасди. Ислом дини “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”, яъни тавҳид шиори устига барпо этилган. Ҳақиқатда Аллоҳдан бошқа ибодатга, итоатга ҳақли ҳеч бир зот йўқ. Чунки У яратувчи, ризқ берувчи, ҳамма нарсанинг тасарруфини қилувчи Молики мутлоқдир. Унинг якка Ўзи, ҳеч бир шериксиз том маънодаги маъбудликка муносибдир, лойиқдир. Ундан бошқага ибодат ва қуллик қилиш фақат ботил йўл билан, ботилга ибодат қилиш демакдир. Бут-санамлардан ҳеч бири буюриш, тасарруф этиш ҳаққига эга эмас, бунга фақат Аллоҳ таологина ҳақлидир. Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш куфрдир, чунки қуллик, ибодат фақат Аллоҳ таолога бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Дарҳақиқат, ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг» деб бир пайғамбар юборганмиз” (Наҳл, 36).
63. Аллоҳ осмондан сув тушириб, ернинг ям-яшил бўлишини кўрмадингизми?! Аллоҳ лутф кўрсатувчидир, хабардордир.
Аллоҳтаоло осмондан сув (ёмғир-қор) тушириб,ўлик бўлиб ётган ерларни суғоради, уларга ҳаёт бағишлайди. Шундан сўнг кечагина қақраб, сарғайиб ётган ерлар ям-яшил ўтлоқларга, экинзорларга айланади. Аллоҳ таоло шунчалар қудратлики, У Ўз қудрати билан Ўзи яратган осмонидан хоҳлаган вақтда истаганича сув туширади. Сўнгра Ўз қудрати билан ўша сувни фойдали қилиб, ердан ям-яшил ўсимликларни ундириб чиқаради. Сувнинг инсон ҳаётида тутган ўрни ҳақида Қуръондаги оятларни ўқир эканмиз, бугунги кун кўзи билан қараганда ҳамма биладиган оддий далиллар ёзилганга ўхшаб кўринади. Чунки замонавий илм-фан кашфиётлари сабабли биз бугун табиатда сувнинг айланиш жараёни қандай рўй беришидан озми-кўпми хабардормиз. Аммо Қуръони карим оятларида сув Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ато қилинган энг улуғ неъмат экани, агар уни Аллоҳ осмондан ёғдирмаса ёки уни денгиз сувидай шўр қилиб қўйса, одамзот қандай аҳволга тушиши баён қилиб берилган: «Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ҳамда шиғил мевали, шохлари баланд хурмоларни ундирдик. Бандаларга ризк, бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у билан “ўлик” шаҳарни - ерни тирилтирдик. (Қабрлардан тирилиб) чиқиш ҳам мана шундай бўлур» (Қоф, 9-11). Бу эса Аллоҳ таолонинг Латиф (лутф кўрсатувчи) экани ва Хобир (ҳар бир нарсадан хабардор) эканидандир. Олтинхон тўра тафсирида ушбу ояти каримага шундай таъриф берилган: “Аллоҳ таоло Ўзининг меҳрибонлигидан 466 кофиристоннинг қуруқ, қақраб ётган ерларини Ислом ила чаман-зорга айлантиради. Одам боласининг имондан маҳрум дилларини Ислом фазллари ила сероб этади. Кимлар Аллоҳнинг бу иноятига ноиллигини Унинг Ўзи ниҳоятда яхши билади”.
64. Осмонлару Ердаги нарсалар Уникидир. Ҳақиқатан Аллоҳнинг Ўзигина беҳожатдир, мақталгандир.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада муаззам борлиқда яратиб қўйган беҳисоб нарсаларнинг айримларини зикр қилиб, буларнинг ҳаммасини якка Ўзи яратгани, шунинг учун уларга эгалик, ҳукмдорлик қилиш ҳам ёлғиз Ўзига тегишли эканини баён этмоқда. Дарҳақиқат, атрофингиздаги сиз кўриб турган бу улкан заминни, чексиз осмонлару ундаги қуёш, ой, юлдузлар каби самовий жисмларнинг Аллоҳ таолодан ўзга бошқа бирор яратувчиси борми? Бутун инсонлар бирлашиб ҳам пурвиқор тоғларни, поёнсиз уммонларни ярата олишадими? Ёки осмондаги учиб юрган қушларни, денгизда сузиб юрган кит ва балиқларни яратишга инсон қодир бўла оладими? Уларни яратишдан ташқари барча яратилганларнинг қатъий илоҳий низом асосида фаолият юритишини Аллоҳдан бошқа би-рор зот йўлга қўя оладими? Бу саволларга фақат “Буларнинг барини ёлғиз Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи яратган, уларни Ўзи бошқаради, борлиқдаги барча мулк фақат Унинг Ўзига тегишли” дебгина жавоб қилиш мумкин. Аллоҳ таоло ўз Китобидаги бу оятлар билан бандаларининг қалбини ларзага солади, уларнинг виждонларини уйғотади, табиий ҳис-туйғуларини қўзғотади. Токи инсонлар Аллоҳнинг махлуқотлари ҳақида фикр юритишсин, унинг беҳисоб неъматларини ҳамиша эслашсин. Ана шунда инсон ўз табиати ва соғлом ақли орқали Аллоҳ таолонинг борлигига, ягоналигига имон келтиради ҳамда Унга тоат-ибодатда бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ, Унинг Ўзигина ҳамма нарсадан беҳожат ва махлуқлари томонидан мақталган Зотдир. Ўзидан бошқа ёрдамчига Унинг ҳожати бўлмаганидек, бировнинг мақтовига ҳам ҳожати йўқдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Айтинг: «Эй барча оламларнинг подшоҳи Аллоҳим! Хоҳлаганингга салтанат берасан ва хоҳлаганингдан салтанатни тортиб оласан, истаганингни азиз қиласан, истаганингни хор қиласан. Барча яхшиликлар Сендадир ва Сен албатта ҳамма нарсага қодирсан; кечани кундузга киритасан ва кундузни кечага киритасан, ўликдан тирикни чиқарасан ва тирикдан ўликни чиқарасан ҳамда хоҳлаганингга туганмас ризк, берасан» (Оли Имрон, 26-27).
65. Аллоҳ Ердаги нарсаларни, денгизда Ўзининг изни билан юрадиган кемаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ одамларга шафқатлидир, раҳмлидир.
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг одамлар Қуръон нозил бўлаётган вақтда ҳали билмайдиган ва ақлларига сиғдира ҳам олмайдиган нарсаларни яратишига ҳам ишора бор. Қуръон нозил бўлаётган пайтларда қуп-қуруқ саҳрода яшайдиган арабларнинг кўплари денгизда кемалар сузиб юришини ақлларига сиғдира ҳам олмас эдилар. Қуръони каримнинг бу мўъжизаси асрлар давомида Аллоҳ таолонинг изни-иродаси билан одамлар томонидан денгизларда сузадиган кемалар, осмонда учадиган самолётлар, фазовий кемалар ва турфа автоуловлар кашф қилинганида яққол намоён бўлди. Агар инсон ўз атрофига тафаккур назари билан боқадиган бўлса, Ер юзидаги ҳамма нарса Аллоҳ азза ва жалла томонидан инсонга бўйсундириб, беминнат хизмат қилдириб қўйилганини кўради. Ҳаво ва осмон жисмлари ҳам, тоғлару водийлар ҳам, дарё-кўллар ҳам, барча жонзотлару наботот олами ҳам инсонга хизмат қилади, унинг эҳтиёжларини қондиради. Замин устида ҳеч бир устунсиз тиклаб қўйилган осмонлар ўз-ўзича шундай мустаҳкам турибди, деб ўйлаганлар Аллоҳнинг буюк яратувчилик қудратига ишонмайдиган жоҳил кимсалардир. Агар бу осмонларни Аллоҳнинг Ўзи ерга қулаб тушишдан тутиб, ҳимоялаб турмаса, бошқа ҳеч бир куч бу ишга қодир бўла олмайди. Мана шуларнинг ўзи Парвардигорнинг бандаларига меҳр-шафқати, раҳмлилиги эмасми? Агар бу неъматларни ато қилмаганида, уларни кашф этишни инсонлар онгига илҳом қилиб солмагани-да инсонлар Аллоҳнинг бу мўъжизаларидан бехабар ўтган, ҳаётини меҳнат-машаққатларга қолдирган бўлар эди. Аллоҳ таоло айтади: “Токи уларга Қуръоннинг ҳак, экани аник, маълум бўлгунича Биз уларга атрофдаги ва ўз вужудларидаги аломатларимизни кўрсатажакмиз. Ахир, Парвардигорингизнинг барча нарсаларга гувоҳ экани кифоя эмасми?” (Фуссилат, 53).
66. У сизларга ҳаёт берган, кейин ўлдирадиган, сўнгра яна тирилтирадиган Зотдир. Дарҳақиқат, инсон ношукрдир.
Аллоҳ таоло эркак ва аёлнинг қўшилувидан инсонларни яратади. Улар маълум муддат Ер юзида умргузаронлик қилишгач, яна вафот эттиради. Қиёмат куни яна қайтадан тирилтириб, имонлиларини жаннатга, кофир ва мушрикларини дўзахга киритади. Аллоҳ азза ва жалла булардан ташқари бандаларига ер юзида ҳаёт кечиришлари учун жуда кўп неъматларни, қулайликларни яратиб қўйган, барча мавжудотларни инсонга бўйсундириб, хизматкор қилиб қўйган. Аммо Парвардигоридан шунча ато ва марҳаматлар кўрган одам боласи юқоридаги оятларда зикр қилинган, инсонга Аллоҳ томонидан бўйсундирилган нарсаларни, берилган неъматларни бир томонга қўйиб турсинда, ўзининг яратилиш ҳикмати ҳақида озгина тафаккур қилиб кўрсин! Инсонга ҳаёт бериб, уни она қорнидан ёруғ дунёга чиқарган, уни йўқдан бор қилган ким?! Албатта, Аллоҳ! Шундай бўлгач, шу Зотга шукр қилиб, Унга имон келтириб, Унинг тоат-ибодатини қилмайдими?! Инсон бу дунёдаги ҳаётини якунлаганидан кейин уни вафот эттирадиган ким?! Албатта, Аллоҳ! Шундай экан, ўлим келмасидан аввал одам боласи ўзини ўнглаб, Аллоҳга итоатда бўлмайдими?! Ўлганларни қиёмат куни яна қайтадан тирилтирадиган, уларни ҳисоб-китоб қиладиган, амалларига яраша мукофот ёки жазо берадиган ким?! Албатта, Аллоҳ! Шундай экан, инсон ўша охират кунига тайёргарлик кўрса бўлмайдими?! Эй инсонлар, дунё ҳаётининг ҳақиқати шу бўлгач, У Зотга имон келтириб, ибодат қилиб, Унинг берган неъматларига шукр қилиб ўтишингиз керак эди. Аммо, минг афсуски, кўпчилик инсонлар бундай қилишмади, Аллоҳга ношукр бўлишди. Унинг йўлига юрмай Парвардигорларига исён ва итоатсизлик қилишди.
Аллоҳ таоло неъматларининг ҳаққини адо этиш фақат У Зотга ҳамд айтиш, Унга шукр билдириш билан бўлади. Қуръони каримда бундай дейилган: «Бандаларимдан жуда озлари шукр крлувчилардир» (Сабаъ, 13); «Чиндан ҳам шукр этсангизлар, албатта Мен сизларга зиёда этурман» (Иброҳим, 7). Ривоят этилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси нафл ибодатда узоқ турдилар, ҳатто муборак оёқлари толди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Ахир Аллоҳ таоло сизнинг аввалги ва охирги гуноҳларингизни мағфират этмаганми?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: «Шукр этувчи банда бўлмайинми?» (Муслим ривояти). Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят этилиши-ча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Эй Муоз, чиндан ҳам мен сени дўст тутаман, сен: «Эй Аллоҳим! Сенга зикр айтишда, Сенга шукр этишда ва чиройли ибодат қилишда менга ёрдам қил!», деб айт» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Ибн Хузайма, Ҳокимлар ривояти).
67. Биз ҳар бир умматга қурбонлик қилишни буюрдик, улар шунга амал қилувчилардир. Демак, (эй Муҳаммад) бу ишда ҳаргиз сиз билан тортишишмасин. Парвардигорингизга даъват қилинг. Сиз албатта тўгри йўлдадирсиз.
Аллоҳ таоло ушбу ояти орқали Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, у зотни мушрик ва кофирларнинг талашиб-тортишишларига, турли маломатларига қарамай, йўлларида собитқадамлик билан бораверишга ундамоқда. Хозин тафсирида келишича, ушбу ояти карима бир гуруҳ мушриклар мусулмонларга таъна қилиб, “Нега ўзларингиз ўлдирган (сўйган) ҳайвонлар гўштини ейсизлару Аллоҳ ўлдирган ҳайвонларнинг (ўлимтик) гўштини емайсизлар?” деганида нозил бўлган. Бунга жавобан Аллоҳ таоло айтяптики, «Сиздан илгари ўтган пайғамбарларнинг умматларига ўзларига яраша шариат берганмиз. Улар ўзларига берилган ўша шариатга амал қилиб келишган. Энди Макка мушриклари сизга «Бу гапни қаердан олдинг?» дейишмасин. Шариат ҳақида, Аллоҳ таолонинг Ўзи амр этган йўл ҳақида сиз билан тортишиб юришмасин. Сиз уларнинг гапларигаю, таъна-маломатларига парво қилмай, одамларни Ислом динига даъват қилаверинг. Сизнинг асосий вазифангиз уларнинг дийдиёларига қулоқ солиш эмас, балки ҳақ динимизнинг таълимотларини одамларга етказиш, уларни ҳидоятга чорлаш, холос. Мушриклар билан тортишиб вақтингизни беҳуда кетказманг, чунки улар қаттиқ адашувдалар, ҳақни кўрмайдилар, эшитмайдилар. Шунинг учун уларни охиратда қаттиқ азоблашга ваъда берганмиз.
68. Агар улар сиз билан тортишишса, айтинг: «Аллоҳ нима қилаётганингизни билувчидир;
Эй Пайғамбарим, агар ҳақиқатдан огоҳ бўлиб ҳам улар тортишишни давом эттираверишса, у ҳолда барча ишларнинг ечимини Парвардигорингизга ҳавола қилинг. Аллоҳ таоло ҳар икки томоннинг далил-исботларини ҳам, бандаларининг бутун қилмишларини ҳам билиб туради, У ҳамма нарсадан хабардордир. Қиёмат куни У ҳар икки томоннинг тортишувларини Ўзи ажрим қилиб беради ва Аллоҳнинг ваҳдонияти ҳақида ноҳақларча тортишган жоҳил кимсаларнинг жазосини беради.
Кофир ва мушрик кимсаларнинг табиати аслида шундай: уларнинг ўз даъволарини исбот қилиш учун ҳеч бир ҳужжат-далиллари бўлмаса ҳам, кибрлари ва ғурурлари туфайли ҳатто Аллоҳнинг пайғамбарлари билан мунозара қилишади, улар олиб келган таълимотларни инкор қилиш учун ҳамма воситаларни ишга солишади. Бу йўлда улар туҳмат-бўҳтондан ҳам, ёлғондан ҳам, ҳатто Аллоҳнинг элчиларига жисмонан зарар етказишдан ҳам ҳазар қилишмайди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Амрдан мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган энг оғир қилмишлари ҳақида сўрадим. У деди: «Уқба ибн Абу Муъайтнинг Набий соллаллоху алайҳи васалламнинг олди-ларига келганини кўрганман. У зот намоз ўқиётган эдилар. У ридосини у зотнинг бўйинларига ташлади-да, ўша билан қаттиқ бўғди. Шунда Абу Бакр келиб қолиб, уни у зотдан итариб юборди ва: «Бир одамни «Роббим Аллоҳ» дегани учун ўлдирасизларми?! Ахир у сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келган!» (Ғофир, 28) деди».
69. Аллоҳ қиёмат куни сизлар тортишган нарса бўйича ораларингизда ҳукм қилади».
Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, эй суюкли Пайғамбарим, мушрик ва кофир кимсаларнинг Бизнинг амрларимиз ва қайтариқларимиз ҳақида сиз билан ўринсиз тортишиб-баҳслашиб юришлари уларнинг исёнкорлиги ва осийлигига исботдир. Агар улар сиз билан дин, шариат ҳақида тортишишса, ҳиқду ҳасад, ёмон ният, кибр билан тортишган бўлишади. Шунинг учун улар билан баҳслашиб ҳам юрманг, уларнинг қилмишидан хафа ҳам бўлманг. Яхшиси, уларга “Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб-билиб туради” деб айтинг. Парвардигорингиз уларнинг нима қилаётганини, ҳатто нималарни ўйлаётганини ҳам жуда яхши билади. Бу дунёда имон келтирмай, пайғамбар билан талашиб-тортишиб юришаверсин, қиёмат куни уларнинг мана шу баҳс қилган, сизга итоатсизлик кўрсатган қилмишлари бўйича ораларида ҳукмимизни чиқарамиз, осийликлари эвазига аламли азобимизни тотиб кўришади. Ана ўша пайтда, уларнинг дин ва шариат ҳақида бефойда тортишганлари юзасидан ҳукмимизни чиқарганимизда уларнинг кўзлари ярқ этиб очилади, аммо унда вақт ўтган бўлади, кечиккан надоматлари ўзларига асло фойда бермайди.
70. (Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг осмону Ердаги ҳамма нарсани билиб туришини билмасмидингиз?! Булар албатта Китобдадир. Бу Аллоҳга албатта осондир.
Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига “билмасмидингиз?” деб айтиши у зотни иқрор қилдириш маъносидадир, яъни «Билар эдингиз-ку» дейилмоқчи. Ояти каримадаги «китоб»дан мурод «Лавҳул-Маҳфуз»дир. Демак, Аллоҳ таоло осмонлару Ердаги ҳамма нарсани кўриб-билиб турганидан кейин булар борасида ҳукм чиқариш Аллоҳ таоло учун асло қийинчилик туғдирмайди, маҳол эмас. У Зот инсонларнинг барча қилмишларини икир-чикирларигача жуда яхши билади, ҳукмни ҳам шунга қараб чиқаради. Аллоҳ буларни билибгина қолмай, китобга, яъни Лавҳул-Маҳфузга ёзиб ҳам қўйган. Бу эса ҳеч бир нарса Аллоҳ азза ва жалла томонидан эътиборсиз қолмаслигини кўрсатади.
71. Улар Аллоҳни қўйиб, У бирор ҳужжат туширмаган, ўзлари ҳам билмаган нарсага ибодат қилишади. Золимларга бирор ёрдам берувчи йўқдир.
Одатда бирор шариат, тузум ёки воқеълик учун Аллоҳ томонидан ҳужжат-далил тушгандагина ўша нарса ишончли, қувватли, мукаммал бўлади. Ўшандагина унга эргашса, ишонса, унинг келгусида муваффақият қозонишидан умид қилса бўлади. Шундай экан, мушриклар сиғинаётган нарсалар ибодатга сазовор саналадими? Йўқ, албатта! Чунки уларга ибодат қилиш ҳақида Аллоҳ таоло бирор ҳужжат-далил туширмаган. Шунингдек, ўша мушрик ва кофирларнинг ўзларида мазкур нарсаларга ибодат қилиш зарурлиги тўғрисида бирор ишончли илм, маълумот ҳам йўқ. Ҳамма қилаётган ишлари гумон, тахмин ва тақлидга асосланган. Улар ота-боболарининг сиғиниб келган нарсаларига тақлидан шундай қилишмоқда. Бу беҳуда ишларини ақл билан ҳам қилишмайди, бунга бирорта нақлий далиллари ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам улар золимлардир, чунки Аллоҳ таолога шерик нисбат бериш дунёдаги энг оғир зулмдир. Шу боис ҳам ботил маъбудлари, сиғинаётган бут-санамлари қиёмат куни уларга ёрдам бериш ўрнига ўз жонини сақлай олмай қолади. Ўша кунда уларга ёрдам ёки нажот берувчи бирорта мададкор бўлмайди! Улар ибодат қилаётган нарсалари ҳақида ҳужжат-далилга, маъбудлари ҳақида илмга эга бўлишмаса ҳам ҳақ даъватига қулок осмай, ўзларини тамоман нодонларча тутадилар.
72. Уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинаётганда куфр келтирганларнинг юзларида инкорни кўрасиз. Уларнинг оятларимизни тиловат қилиб бераётганларга ҳамла қилишларига оз қолади. Уларга: «Бундан ҳам ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? У Аллоҳ куфр келтирганларга ваъда қилган дўзахдир ва у нақадар ёмон жойдир», денг.
Муҳаммад алайҳиссалом Макка мушрикларига Аллоҳнинг ваҳийларини етказмоқчи бўлганларида улар буни эшитгиси ҳам келмас, Қуръонни тиловат қила бошлашлари билан тингламаслик учун қулоқларини беркитиб олишар ёки тезда у зотнинг олдиларидан қочиб қолишга чоғланишарди. Уларнинг ўзларида ҳеч қандай ҳужжат-далил йўқлигига қарамай, Аллоҳ таолонинг тавҳидига, ибодатга сазовор ягона Зот Аллоҳнинг Ўзи эканига очиқ-ойдин ҳужжат ва далил бўлмиш Қуръони карим оятлари тиловат қилинганда куфр келтирганларнинг юзларида дарҳол инкор аломатлари пайдо бўлади. Яъни, инкорларини, имонсизликларини ичларида сақлаб туришга ҳам чидамай, дарҳол юзага чиқарадилар. Ҳолбуки, улар аввало, бу оятларни тинглаб, мағзини чақишга ҳаракат қилишса, ўзларига фойда бўлур эди. Аммо улар бунинг ўрнига Қуръон оятларини тиловат қилиб бераётганларга ҳамла қилиш, уларни таъқиб қилиш, тазйиқ ўтказиш ҳаракатига тушишади. Мантиқан олиб қарасангиз, ҳужжат-далиллар билан солиштириб, масалани тинч йўл билан ҳал қилиш жоҳил ва нодонларга ёт бўлган хусусиятдир. Бундайлар билимсизликларини, ожизликларини хаспўшлаш учун дарров хужум қилишга, кўполлик кўрсатишга ўтадилар. Тўғри йўлга даъват қилувчиларга қарши куч ишлатиб, уларни даф қилишга уринадилар. Ушбу ояти каримада мана шу ҳақиқат яна бир бор эслатилмоқда. Ояти карима охирида Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига буюряптики, эй Пайғамбарим, ўша золимларга «Бундан ҳам ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? У Аллоҳ куфр келтирганларга ваъда қилган дўзахдир ва у нақадар ёмон жойдир» деб айтинг. Яъни, Қуръони каримни севмаганлар ҳеч ким севмайдиган дўзах қаърига ташланадилар.
73. Эй инсонлар! Бир масал айтилдики, энди унга қулоқ солинг! Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингизнинг ҳаммаси бирлашиб ҳам битта пашшани ярата олмайди. Агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ўшани ундан қутқариб ҳам олиша олмайди. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинувчи ҳам заифдирлар.
Эй инсонлар, ораларингиздаги айрим кимсалар бутун оламларни яратган, уларни бошқараётган, барча махлуқотни мунтазам ризқ билан таъминлаётган қудратли ва айни пайтда ўта меҳрибон Зот Аллоҳни қўйиб, турли-туман жонли-жонсиз нарсаларга сиғиниб, уларни рози қилиш ҳаракатида юришибди. Ўшаларга ишониб, улардан бирор манфаат кутиб, охиратдаги ёрдамидан умидвор бўлишяпти. Аммо билиб қўйишсинки, уларнинг бу умидлари қиёмат куни чиппакка чиқади. Чунки Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса жуда заифдир, қўлидан ҳеч бир иш келмайди. Агар бунга ишонмаётган ёки буни тушунмаётган бўлсангиз, сизларга бир масал айтамизки, унга қулоқ солинглар. Ўша сизлар ишониб, сиғиниб юрган бут-санамлар ёки бошқа сохта илоҳларнинг ҳаммаси бирлашиб ҳам Аллоҳ таоло махлуқларининг энг майдаси, ҳақири, аҳамиятсизи бўлган битта пашшани яратиб кўришсин-чи! Улар ҳар қанча уринмасин, тиришмасин, ўша пашшанинг бир аъзосини ҳам ярата олмайдилар. Энди битта пашшанинг бир аъзосини ярата олмаган ожиз ва нотавон бут-санамларга қандай қилиб сиғиниш, бошга мушкулот тушганда уларнинг ёрдамидан умид қилиш мумкин? Бу ҳеч бир соғлом ақл ёки мантиққа тўғри келмайдиган ишдир. Хўп, ўша жоҳил ва золим кимсалар пашшани ярата олишмас экан, ҳеч бўлмаганда пашша келтириши мумкин бўлган зарарни даф қила олишармикин? Айтайлик, пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, ўша нарсани унинг чангалидан қутқариб олишга имкон топишармикин? Ёки бир пашша ўлимга сабаб бўлувчи микроб билан одамларни касаллантирса, шу туфайли хасталанганларни ўлимдан қутқариб қолишга қодирмикинлар? Улар сиғинаётган бут-санамларнинг битта пашшага кучи етмас экан, нега энди уларга сиғиниш, улардан ёрдам кутиш керак? Ояти каримада келган бу мисол тавҳиднинг муқобилидаги ширкнинг шармандалиги ва қабоҳатини кўрсатувчи ёрқин далилдир. Ояти карима охирида айтиляптики, Аллоҳдан ўзганинг ибодатини талаб қилувчи ҳам, ибодати талаб қилинган нарсалар ҳам ўта ожиздирлар. Уларнинг қўлидан ҳеч бир иш келмайди. Шундай бўлгач, уларни буюк ва қудратли яратувчи Зот Аллоҳ азза ва жаллага шерик қилиш, У Зот билан бир мақомга қўйиш ғирт бемаънилик, қабоҳат ва ақлсизлиқцир!
74. Улар Аллоҳни Ўзига муносиб равишда қадрламадилар. Аллоҳ қувватлидир, иззатлидир.
Ширк эгалари Қодиру Зулжалол субҳанаҳу ва таол они Унинг азамати ва кибриёси даражасида, Унинг Зотига муносиб равишда қадрлашмади. Агар қадрлашганида ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига эътиқод қилишлари, фақат Унгагина ибодат қилишлари лозим эди. Аммо улар Аллоҳнинг қадрини билмадилар,Унга ширк келтирдилар,Ундан ўзгаларга топиндилар. Қувватли ва иззатли Зот бўлмиш Парвардигор Ўзи яратган барча махлуқотлардан кучли ва ғолибдир. Ҳаммадан устун, куч-қудратли ва ғолиб бўлгани учун ҳам У имон келтиришга, ибодатга, сиғинишга, итоатга сазовор ягона Зотдир. Бу ҳақиқатни инкор қилувчилар, Унга ожиз ва мағлуб бут-санамларни шерик қилувчилар қиёматда Аллоҳ таолонинг азоби ва жазосига гирифтор бўлишади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ (Лавҳул-Маҳфузда): “Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман”деб ёзиб қўйган. Дарҳақиқат, Аллоҳ кучлидир, қудратлидир” (Мужодала, 21).
75. Аллоҳ элчиларни фаришталардан ҳамда инсонлардан танлайди. Аллоҳ эшитувчидир, кўриб турувчидир.
Аллоҳ таолонинг қувват ва қудратига далил шуки, У бандаларидан кимни муносиб ва лойиқ кўрса, мартабада рисолат ва пайғамбарликка тайин қилади. Чунончи, фаришатлардан Жаброил ва Микоил алайҳиссаломларни, инсонлардан ҳазрати Иброҳим, Мусо ва Исо алайҳимуссаломни элчиликка танлаб, уларнинг ҳар бир ҳолатларидан хабардор туради. Буюк куч-қудрат соҳиби бўлган ва ҳамма нарсадан устун-ғолиб бўлган Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам элчи-пайғамбар қилиб танлаб олган. Шундай экан, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган ожиз нарсаларга сиғиниб юрганлар нега ана шу қудрат эгаси Аллоҳнинг йўлига тўғаноқ бўлмоқчи, Унинг имонли бандаларини ҳақ йўлдан тўсмоқчи бўлишади. Улар бу ишларида ҳеч нарсага эриша олмайдилар, чунки ҳамма нарсани, ҳатто ўша куфр ва ширк эгаларининг гап-сўзларию тузаётган режаларигача эшитиб, кўриб турувчи Зотнинг йўлини тўсиб, нурини ўчириб, динини мавҳ этиб бўлмайди. Ана шундай жоҳил кимсалар мутлақо иложсиз ишга қўл ураётганларини англаб етишармикин?
76. У Зот уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги нарсани билади. Ишлар ёлғиз Аллоҳгагина қайтарилади.
Аллоҳ таолонинг илми шомил ва комил, бутун махлуқотнинг илмидан устун бўлгани учун У ҳамма нарсани Ўзининг мукаммал илми билан иҳоталаб-қамраб олган. Замину коинотдаги, бутун борлиқдаги бирор нарса Унинг илмидан четда қолмайди. Бунинг устига, барча ишлар ёлғиз Аллоҳгагина қайтарилади. Инсонлару жинлар, бошқа барча махлуқотлар ажаллари етиб вафот этишгач, қиёмат куни қайтадан тирилтирилиб, ҳисоб-китоб учун Парвардигорлари ҳузурида жамланишади. Ўшанда дунё ҳаётида содир этилган ҳар бир иш юзасидан адолатли ҳукм чиқарилади. Ер юзида содир этилган жиноят ва гуноҳлар ўша куни фош этилади, зўравонлик билан ожизларга зулм қилганларнинг зулмига яраша жазо белгиланади, мазлумнинг қасоси золимдан олиб берилади, олий адолат тантана қилади. Дунёда сохта илоҳларга сиғиниб, улардан мадад кутиб юрган нодон кимсалар барча ишларнинг Парвардигорга қайтишини билганларида бу қадар жоҳилликка, разолатга бормаган бўлишармиди?!
77. Эй имон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Парвардигорингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки нажот топсангизлар.
Мўминнинг Аллоҳга қиладиган энг муҳим ибодати намоздир, намознинг энг асосий рукнлари рукуъ ва сажда қилишдир. Аллоҳга, Унинг ваҳийларига имон келтирган мўминлар ўзларини яратган улуғ Зотга сажда қилишади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларидек, сажда банданинг Парвардигорига энг яқин турган пайтидир. У пешонасини ерга қўйиб, ўзининг ожизлигини, бандалигини эътироф этади ва мутлоқ Молик Аллоҳни улуғлаб, “Субҳана Роббиял аъла” деб тасбеҳ айтади. Ердаги митти жониворлардан тортиб самовий оламлардаги нуроний зотлар ҳам сажда ибодати билан машғулдирлар. Парвардигорнинг дунё ҳаётига юборган элчилари - пайғамбарлар алайҳимуссалом ҳам кўз қувончларини Аллоҳ таолога сажда қилишдек буюк ибодатда деб билишган. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам узун тунларни намозда қоим бўлиш, Аллоҳга сажда қилган ҳолда илтижо ва муножот этиш, ёлбориш билан ўтказар эдилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло биз, мўминларга ушбу гўзал ибодатни нажот топиш воситаси қилганини ушбу оятда баён қилиб берган. Ҳанафий мазҳабидан бошқаларида ушбу ояти карима Қуръони каримдаги сажда оятларидан бўлгани учун уни ўқиганларга тиловат саждаси қилиш вожиб бўлади.
78. Аллоҳ йўлида ҳақиқий жиҳод қилинглар. У сизларни танлаб олди ва динда сизларга ҳеч бир мушкуллик юкламади. (Бу) отангиз Иброҳимнинг динидир. То пайгамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса одамларга гувоҳ бўлишингиз учун У сизларни олдин атагандек, бунда ҳам мусулмонлар деб атади. Энди намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Аллоҳга боғланинглар. У сизларнинг Хожангиздир. У қандайин яхши Хожа ва нақадар яхши мададкордир!
Ушбу ояти каримани тафсир қилишдан олдин «жиҳод» сўзининг маъносини яхшилаб тушуниб олишимиз лозим. «Жиҳод» сўзи луғатда “жидду жаҳд, қатъий ҳаракат” маъноларини билдириб, истилоҳда инсон томонидан бор имкониятини ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон киши жиҳод қилмоқчи бўлса, барча куч-қуввати, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, «жиҳод» сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни ифода этиш учун араб тилида «қитол» сўзи ишлатилади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илм мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қиляпти, деса бўлади. Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган улуғ олимлар ҳам “мужтаҳид” деб аталган. Бундай кишилар шаръий илмларда жиҳод қилишган. Исломнинг дастлабки ўн уч йили давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар Маккаи мукаррамада юқорида зикр қилинган китол (уруш) маъноси бўлмаган жиҳодни олиб бордилар. Ўша вақтда Аллоҳ таоло мушрикларга қарши куч ишлатиш-ни мусулмонларга ман қилган эди. Шу билан бирга, улардан етган азоб-уқубат ва озорларга сабр қилишга буюрган ҳам эди. Фақат ҳижратнинг иккинчи санасига келиб, Қуръони карим таъбири билан айтилганда, «Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди». Ана шундай қилиб, ҳижрати набавиянинг иккинчи санасидагина Аллоҳ таоло мусулмонларга ўзларини ҳимоя қилиш учун қўлга қурол олишга изн берди. Уламолар бирор шахс ёки мусулмон жамоаси жиҳодни ўзича эълон қилиб, уруш бошлаши мумкин эмаслигини алоҳида уқтирадилар. Уруш маъносида талқин қилинадиган жиҳод сиёсий масала бўлгани, ўзига хос оқибатларни келтириб чиқаргани сабабли Ислом шариати фақат давлат раҳбарлигигина бундай жиҳодни эълон қилиш ва амалга ошириш ҳуқуқига эга эканини қатъий таъкидлайди.
Жиҳоднинг турлича маънолари бор. Масалан, Исломнинг дастлабки пайтларида мушриклар билан ақидавий тортишув қилиб турган Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло Фурқон сурасида куйидаги хитобни қилади: «Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!». Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаш оқил одам учун қийин иш эмас. Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир», деганлар. «Жомеъул Аҳодис» китобида келтирилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавои нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!» деганлар. Бундан инсоннинг ҳавойи нафсининг айтганига кирмаслик, уни енгиб, шариатга мувофиқ яшаш учун жон-жаҳди ила қилган ҳаракати ҳам жиҳод экани, жиҳод бўлганда ҳам, афзал жиҳод экани келиб чиқади. Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда Расули акрам унга: «Сенинг ота-онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Бас, икковлари(хизмати)да жиҳод қил!» дедилар». Демак, ота-онага хизмат қилиш ҳам жиҳод бўлиши мумкин экан.
Ушбу ояти каримада таъкидланяптики, эй мусулмонлар, энди Аллоҳ изн берганидан кейин Аллоҳ йўлида нафсингизга қарши, шайтонга қарши, куфр ва ширкка қарши ҳақиқий жидду жаҳд қилинглар. Аллоҳ таоло сизларни бутун инсоният ичидан чин уммат қилиб танлаб олди ва динингиз равнақи йўлида сизларга ҳеч бир мушкуллик, хараж юкламади. Яна анбиёларнинг аълоси ва афзалларига уммат қилди, яъни оталарингиз Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф динида, охирзамон Пайғамбари Муҳаммад Мустафога уммат қилиб қўйди ва сизларни олдинги самовий китобларда (Таврот ва Инжилда) ҳам, “бунда”, яъни Қуръони каримда ҳам “мусулмонлар” деб атади. Пайғамбарингиз қиёматда сизларга гувоҳ бўлиши, сизларнинг эса бошқа инсонларга гувоҳ бўлишингиз учун шундай қилди. Энди Аллоҳ таоло сизларни бошқа миллатларнинг энг афзали қилиб қўйгани шукронасига намозларингизни мукаммал, тўкис, барча арконларига риоя қилган ҳолда адо этинглар, закотни ўз ҳақдорларига беринглар ва Аллоҳга маҳкам боғланинглар. Унга боғланиш эса Унинг Китобини ўрганиш, ҳукмларига амал қилиш, қайтариқларидан четланиш орқали бўлади. Имом Қуртубий айтади: “Аллоҳ таолонинг “...сўнгра сизларга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинглар, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик” ояти олий мақомдаги кишининг яхшилик йўлида ўзидан қуйироқ даражадагиларга эргашиши жоиз эканига далолат қилади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг энг афзали саналадилар, аммо шунга қарамай, Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломни Иброҳим алайҳиссаломга эргашишга буюрмоқда”.
Мусулмон киши уч асосий душмани билан мужодала қилади: биринчиси - Аллоҳни инкор қилганлар ва Унинг нурини ўчирмоқчи бўлганлар билан мужодала; иккинчиси - шайтонга қарши мужодала; учинчиси эса инсоннинг ўз нафсига қарши мужодала. Юқоридаги ояти каримада ана шу уч душманга қарши мужодала қилиш буюрилмоқда. Бу оятдаги “ҳақиқий жиҳод” зоҳирий ва ботиний душманлар билан кучи етгунча жанг қилишни билдиради. Шайтон ичимизга кириб олиб, қалбимизни ёмон васвасалар билан бузади. Хартумини қалбнинг устига қўйиб, унга минг турли васвасани ташлайди. Бундай ёмон хислати сабабли Аллоҳ таоло шайтонни “хоннас” (васваса қилувчи) деб атаган. Агар мўминнинг қалби зикруллоҳнинг нури билан ҳушёр бўлса, шайтон васвасаси унга таъсир этмайди. Чунки зикруллоҳ нури оловдан яратилган шайтонни куйдиради. Шубҳасиз, мўминлар сирот устидан ўтаётганларида уларнинг нури жаҳаннам оловини сўндиргани сабабли жаҳаннам мўминлардан тезроқ ўтиб олишларини сўрайди. Шайтон инсонларнинг томирида қонга ўхшаб, оқиб-айланиб юради. Нозик хилқатли бўлгани учун қалбнинг ҳар томонидан кира олади. Ичимизга суқилиб кирган шайтон билан ичдан ва ташқи тарафдан муттасил жанг қилиш мўминлар зиммасидаги энг буюк вазифадир. Қалб раҳмоний ва шайтоний ҳислар мужодала этадиган жойдир. Ёмон ҳислар ғолиб келса, инсон ҳам ёмонлашади. Шу сабабли Набий алайҳиссалом “Инсон танасида бир эт парчаси бор, у соғ бўлса, бадан ҳам соғ-саломат бўлади. У бузилса, бутун бадан ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир”, деб айтганлар. Бу ҳадиси шариф маъносидан шуни яхши билишимиз лозимки, қалб шайтоннинг турли хил васвасаси ва нафснинг ёмон ҳисларидан тозаланганидагина инсон покиза бўлади. Қалби тоза кишининг ибодати ҳам холис бўлади. Унинг ибодати ва даражоти поклигининг қиймати билан ўлчанади. Шу сабабли шайтон ҳам инсоннинг қалбига тинимсиз ҳужум қилади. Дастлаб, у инсоннинг кўксига васвасаларни жойлаб, қалбига ўрнашиб олади. Бу ҳақда Ан-Нас сурасининг 5-ояти каримасида инсонларнинг дилларига васваса соладиган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўраш буюрилган. Муҳаққиқ уламолардан Муҳаммад Термизий бу хусусларни шундай баён этади: “Қалб ақл ва маърифат ўрнашган жойдир. Шайтон аслида қалбни ишғол қилишга қасд этган. Шайтон аввал инсоннинг дилига келади, чунки дил қалбнинг қўрғонидир. Шайтон йўл топиб, кўнгилга кирса, шайтоний хаёл ва ҳар хил бузуқ фикрлар, ғам-ғусса, хирс ва тамаъ билан қалбни тўлдиради. Қалб бундай ёмон фикрлар билан тўлгани сари торайиб боради, кўз фақат дунёни кўради, охиратни унутади. Ибодат ва тоатдан лаззат тополмайди. Лекин мусулмон биринчи марта қалбига ҳужум қилган бу шайтоний фикрни қалбнинг қўрғони бўлмиш дилдан кувса, қалб талвасага тушмайди, ибодат қилиб лаззатланади, дунё дабдабасидан қалби тораймайди.”
Орқага Олдинга