loader

021. Анбиё (Пайғамбарлар) сураси

Маккада нозил бўлган, 112 оятдан иборат

“Анбиё” сўзи луғатда «набийлар, яъни пайғамбарлар» деган маънони билдиради. Қуръони каримнинг йигирма биринчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 112 оятдан иборат. Сура Қиёмат соати яқинлашгани, инсонларнинг ғафлатда экани ҳақида хабар бериш билан бошланади, сўнг Аллоҳнинг буюк яратувчилик қудрати зикр этилади, Иброҳим алайҳиссалом ва бутпарастлар ўртасидаги можаролар батафсил келтирилади. Сурада Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Довуд, Сулаймон, Исҳоқ, Яъқуб, Лут, Нуҳ, Айюб, Исмоил, Идрис, Зулкифл, Зуннун (Юнус), Закариё, Исо алайҳиссаломлар тўғрисидаги хабарлар ворид бўлгани учун ҳам у «Анбиё» (набийлар - пайғамбарлар) деб аталган. Бошқа маккий суралар каби бу сурада ҳам Ислом даъватининг Макка давридаги бош мавзу - ақида ва унга тегишли масалалар муолажа қилинади. Хусусан, ақиданинг тавҳид, пайғамбарлик ва қайта тирилиш бобларига алоҳида эътибор берилади. Шунингдек, сурада пайғамбарларнинг қиссалари одамларга ваъз-насиҳат сифатида баён қилиб берилади. Сўнгра эса дину диёнатни ва пайғамбарларни ёлғонга чиқарувчилар ҳақида сўз юритилади. Уларнинг ўтганларнинг ҳалокатларини кўриб, билиб турсалар ҳам, улардан ибрат олмаётганлари эслатилади. Аллоҳ қудратининг чексиз далиллари кишиларнинг ўзларида ва атрофларида жуда кўп эканига эътибор қаратилади. Сура охирида қиёмат манзараларидан бирини тасвирлаш орқали инсонларни охират кунига тайёргарлик кўришлари зарурлиги уқтирилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Одамларга ҳисоб-китоблари яқинлашиб қолди. Улар эса ҳамон ғафлатда, юз ўгирувчидирлар.
Барча одамларнинг қайта тирилтирилиб, ҳашр майдонига тўпланишига, дунё ҳаётидаги барча қилмишлари ҳақида Парвардигор ҳузурида ҳисоб-китоб қилинишига жуда оз муддат қолди. Аммо инсонлар ҳамон ғафлатдалар. Имон ва солиҳ амаллардан, қиёматнинг огоҳлантиришларидан юз ўгирган ҳолда гуноҳ ишларга муккадан кетганларича юришибди. Агар улар қиёматнинг жуда яқинлигини билганларида унга тайёргарлик кўришган, гуноҳлардан тийилишган бўлур эди. Қиёмат, баъзилар ўйлаганидай, ҳали узоқдаги иш эмас. Уламолар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлиб келишларининг ўзиёқ қиёмат яқинлашганининг энг катта аломати», дейишади. Чунки у зот охирги пайғамбардирлар, у зотдан кейин ҳеч бир пайғамбар келмайди, фақат қиёмат келади. Шу билан бирга, Ислом фиқҳида «Ҳар бир келувчи нарса яқиндир» деган қоида ҳам бор. Келиши кутилаётган ҳар бир нарса жуда тез етиб келади. Буларнинг энг каттаси қиёматдир, унда бўладиган ҳисоб-китобдир.
Арабча “қиёмат” сўзи “тик туриш” маъносини билдиради. Ер юзида вафот этган барча жонзотлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан қайта тирилиб, ўрнидан тикланадиган кун қиёматдир. Аллоҳ таолонинг иродаси билан ер юзидаги ҳаёт тугайдиган, бу дунёнинг ажали етадиган, ҳамма нарса остин-устун бўладиган бу кун «охират куни» ҳам дейилади. Тирилтирилганларнинг амал дафтарларини бериб, бу дунёдаги ишларининг ҳисобини қилиш учун ҳамма бир жойда - Маҳшарда (ҳашр майдонида) тўпланишидан қиёматнинг «ҳашр куни», «маҳшар куни», «ҳисоб куни» деган номлари ҳам бор.
Қиёмат аломатларининг бари юзага чиқса, Аллоҳнинг иродаси билан қиёмат қойим бўлади. Исрофил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан биринчи марта сурни пуфлаганда ҳамма йиқилиб-ўлади, иккинчи бор сурни пуфлаганида барча махлуқот қайта тирилтирилиб, қандай ҳолда ўлганидан қатъи назар тикланади, нима бўлишини интизор бўлиб кутади. Қиёмат куни даҳшатининг кучлилигидан ҳар бир одам фақат ўзини ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю эр-хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма фақат ўзини ўйлаб, бир-биридан қочади. Ёнидаги одам эркакми, аёлми, яланғочми, кийимлими - эътиборга ҳам олмайди. Ҳамма маҳшар майдонида тўпланганида бандаларга номаи аъмоллари - бу дунёда қилган ишларини фаришталар ёзиб юрган китоб берилади. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам катта-кичикка ажратилмай ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинади, қиёматда ҳар бир ишга жавоб берилади.
Зикр қилинган нарсалардан ташқари, мўмин-мусулмон киши қиёмат куни жаҳаннам устига «сирот» деб аталган кўприк қурилган бўлишига, ундан барча одамларни ўтишга буюрилишига, кимдир ундан ўтиб нажот топишига, кимдир ўта олмай жаҳаннамга қулашига жазм билан имон келтириши лозим. Оиша розияллоҳу анҳо дўзахни эслаб йиғлаганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нега йиғладинг?» деб сўрадилар. «Дўзахни эслаб йиғладим. Қиёмат куни аҳли-аёлларингизни ёдга оласизми, эй Аллоҳнинг Расули?!» деди ҳазрати Оиша. «Уч жойда биров бировни эсламайди: тарози олдида: тарози енгил келадими-ё оғир, шуни билгунича; китоб (номаи аъмол берилиши) вақтида: китоби ўнгдан тушадими ёки чапданми ёхуд олдинданми, шуни билгунича; сирот, яъни кўприк жаҳаннамнинг икки қирғоғига қўйилганида», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

2. Уларга Парвардигорларидан янги эслатма келса, уни фақат ўйнаган ҳолда тинглашади.
Аллоҳ таоло қиёматнинг қоим бўлишидан, унда бандаларнинг ҳисоб-китобга тортилишидан огоҳлантириш учун инсонларга ўзларидан бўлган пайғамбарларни, илоҳий китобларини юборади. Аммо ғофил кимсалар Аллоҳнинг бу огоҳлантиришларини эътиборга олишмайди, уларни ҳазил-мазаҳ қилишади ёки тан олишмайди. Қиёмат, ўлгандан кейин қайта тирилиш, ҳисоб-китоб ҳақидаги огоҳлантиришларни эрмак қилиб, ўйин-кулги қилган ҳолда тинглашади. Эшитишадию, аммо солиҳ амалга шошилишмайди, гуноҳ ишлардан тийилишмайди, ўзларини ўнглашмайди. Ҳисоблари яқинлашиб қолганини унутиб, ғафлатда юрганлар Аллоҳ таолодан келган янги эслатма - Қуръони каримни ўйнаб турган ҳолларида эшитадилар. Бу уларнинг Эслатмага эътиборсиз қараётганларидандир. Зотан, Аллоҳдек улуғ Зотнинг ҳар бир сўзи юксак одоб, эътибор ва аҳамият билан қарши олиниши керак эди. Кофир ва мушриклар эса ўзларига Аллоҳнинг эслатмаси келганида ўйинларини тўхтатишни ҳатто хаёлга ҳам келтиришмади.
Маҳшарда ҳамма тўпланганида бу дунёда мўмин-мусулмон бўлиб, тоат-ибодат, тақво билан ўтган кишининг амал дафтари ўнг томондан берилади, ҳисоби осонгина қилиниб, жаннат аҳли ҳузурига хурсанд бўлиб қайтади. Бу дунёдаги ёмонларнинг амал дафтари чапдан (ё ортдан) берилса, унинг бадбахтлиги, дўзахийлиги аломатидир. Абу Бакр Воситий айтади: «Давлат учта бўлади: ҳаётдаги давлат, ўлим пайтидаги давлат ва қиёматдаги давлат. Ҳаётдаги давлат - Аллоҳнинг тоат-ибодатини қилиб яшашдир, ўлим пайтидагиси эса «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси билан жони чиқишидир, ҳақиқий давлат эса қиёмат куни жаннат хушхабари берилишидир».

3. Диллари эса ғофилдир. Золимлар ўзаро: «Бу ўзингизга ўхшаган бир одам-ку. Кўриб туриб ҳам сеҳрга келаверасизми?» деб пичирлашади.
Макка мушриклари ҳам олдин ўтиб кетган бошқа қавмлар каби ўзларига Аллоҳнинг Расули орқали юборилган янги эслатма, яъни Қуръони каримни инкор қилиш пайига тушиб, нима қилиб бўлса-да, Аллоҳнинг элчисини ҳам, Унинг Каломини ҳам ёмонотлиқ қилишга, беҳуда нарсаларга айлантиришга қаттиқ киришдилар. Улар бу борада ёлғондан ҳам, туҳмат-бўҳтондан ҳам ҳазар қилишмади. Бошда Қуръони каримни “ўтганларнинг афсоналари” деб ёлғонга чиқаришга уринган бўлишса, энди ҳақ динни олиб келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳргарга, ўзлари каби оддий одамга ўхшатишга зўр беришди. Кофирлар ўзаро: «Муҳаммад ҳам сиз билан бизга ўхшаган одам-ку, қанақасига у Пайғамбар бўлиши мумкин? Унинг айтаётган гаплари сеҳрдан, алдовдан бошқа нарса эмас. Бу нарсани одамларга дарров таъсир қилишидан, ота-бола ва эр-хотинларнинг орасини бузишидан ҳам билиб олсангиз бўлади. Шуни кўриб-била туриб ҳам унга эргашаверасизларми?» деб пичирлашади. Уларнинг бу туҳматларига жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳолини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилдилар:

4. У: «Парвардигорим осмонлару Ердаги сўзни билади. У эшитувчи, билувчидир», деди.
Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кофирларга эслатяптиларки, Аллоҳ таоло энг яхши  эшитувчи ва энг аниқ билувчи Зотдир, У осмонлару Ердаги ҳамма сўзларни эшитиб туради. Аллоҳ ҳатто мушрикларнинг ўзаро пичирлашиб гапираётган юқоридаги сўзларини ҳам эшитиб турибди. У Зотнинг Ўзи уларнинг қилмишларига яраша жазоларини беради. Аллоҳ таоло нозил қилган динни тан олмай, ўз жонига зулм қилган кимсалар ҳасад ва кибр туфайли Қуръони карим оятларини инкор қилишса ҳам, унинг илоҳий ваҳий эканидан ҳайратга тушишган эди, унинг оддий калом эмаслигини ҳам яхши билишар эди. Улар ҳар қанча куфрга боришмасин, Қуръони карим мўъжизаси қаршисида лол қолишарди. Фақат имонсизликлари, Аллоҳнинг Пайғамбарига ҳиқду ҳасадлари ортидан қуръоний таъсирни бошқа нарсага йўйишга уринишар, уни сеҳр, шеър, мажнуннинг сўзи дейишгача ҳам боришар эди. Улар Қуръонни “сеҳр” дейиш билан мақсадларига ета олишмади. Қуръони карим оятлари ҳар қандай тўсиқ ва тазйиқларга қарамай, инсонларнинг онги-шуурига кириб бораверар эди. Чунки Қуръонда сеҳрда ҳам бўлмаган мўъжизавий нарсалар кўп эди. Шунинг учун ҳайрат-таажжублари ошиб, Қуръони каримга имон келтириш ўрнига Аллоҳнинг Каломи ҳақида турли бўлмағур бўҳтонларни тўқиб чиқара бошладилар.

5. Улар: «Балки алғов-далғов тушлардир, балки уни ўзи тўқиб олгандир, балки у шоирдир? Бўлмаса, у ҳам, аввалгиларга юборилганидек, бирор мўъжиза келтирсин», дейишди.
Ўзларининг куфр ва ширклари билан ўз жонига зулм қилганлар Аллоҳ нозил қилган Қуръони каримни ўқиб бераётган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида бўҳтон тўқишда давом этиб, “балки унинг айтаётганлари алғов-далғов тушлардир, яъни ўнгда амалга ошмайдиган алдамчи тушлардир” дейишгача боришди. «Эҳтимол, Қуръон деб айтаётган нарсасини Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олгандир?» деб ҳам кўришди. “Балки, бизларга бу нарсаларни ўқиб бераётган пайғамбар шоирдир?» деган хаёлга ҳам боришди. Чунки арабларда жоҳилият даврида шеърият юксак чўққисига чиққан эди. Жоҳилият адабиёти фақат назмдан иборат бўлган, араб шоирлари шеъриятда беназир бўлишган. Шунинг учун ҳам қуръоний балоғат ва фасоҳат сўзларини келтираётган Пайғамбар алай-ҳиссаломни шоир деб ўйлашлари ҳам табиий эди. Шунинг учун маккаликлар “Муҳаммаднинг Қуръон деб айтаётган нарсаси шеърга ҳам ўхшайди. Хуллас, унинг ишлари ва гапларидан бошимиз айланиб кетди. Агар у, ўзи даъво қилаётгандек, Аллоҳнинг Пайғамбари бўлса ва Қуръон Аллоҳнинг Каломи эканига бизни ишонтиришни истаса, олдинги пайғамбарларга юборилганидек, бизларга ҳам бир мўъжиза келтирсин», дейишди. Аллоҳ таолонинг Ўзи уларнинг бу таклифларига қуйидагича жавоб берди:

6. Улардан олдин Биз ҳалок қилган бирор шаҳар имон келтирмаган, энди улар имон келтиришармиди?!
Дунё ҳаётида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломгача қанча қавмлар ва халқлар яшаб ўтишган. Аллоҳ таоло уларга Ўз ваҳийларини етказиш учун пайғамбарларини юборган. Пайғамбарлар ўз қавмларни Аллоҳнинг тавҳидига, Унинг амрларини бажаришга, қайтарганларидан четда бўлишга чақиришган. Аммо улардан кўплари пайғамбарлар даъватига қулоқ солишмади, имонга келишмади. Аксинча, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилишга, пайғамбарларни ёлғончига чиқаришга уринишди, улардан мўъжиза келтиришни талаб қилишди. Лекин олдин ўтган ва мўъжиза талаб қилган бирорта шаҳар аҳолиси ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўша мўъжиза келтирилганидан кейин ҳам имонга келмади. Аллоҳнинг Ер юзидаги мўъжиза-аломатларига, Аллоҳнинг Пайғамбарига ва Китобига ишонмай, яна одатдан ташқари мўъжиза келтиришни сўрайверди. Буларнинг бари Парвардигорга итоатсизликнинг, саркашликнинг очиқ-ойдин кўринишидир. Ваҳоланки, улар ўзлари талаб қилаётган ғайритабиий мўъжизаларни кўришса ҳам имонга келиб, ўзгариб қолмайдилар. Демак, улардан зинҳор яхшилик кутиб бўлмайди. Шундай бўлгач, уларни ёппасига ҳалок этиш зарурати туғилади. Аввалги умматлар ҳам шу тариқа ер юзидан йўқ қилиб юборилган, улар ҳам одатдан ташқари мўъжизаларнинг келганини кўриб ҳам имонга келишмаган. Эй Пайғамбарим, сиз буларнинг гапларидан таъсирланманг, алданиб қолманг, Биз уларнинг охиратда ўз имонсизликлари оқибатида улкан азобларга учрашларини ирода қилганмиз.

7. (Эй Муҳаммад), сиздан олдин ҳам фақат эркакларни Ўзимиз ваҳий билан пайғамбар қилиб юборганмиз. (Эй маккаликлар), агар билмайдиган бўлсанглар, зикр аҳлидан сўранглар.
Ушбу ояти шарифа Макка мушрикларининг «Бу ўзимизга ўхшаган инсон-ку, нега энди бизлар унга эргашишимиз, унинг гапларини тасдиқлашимиз керак» деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларини инкор қилганига жавобан нозил бўлган. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳам ер юзига ўзининг минглаб элчиларини ваҳий билан юборган, улардан йигирма беш нафарининг зикри Қуръони каримда келган. Муҳаммад алайҳиссалом биринчи пайғамбар эмаслар, аксинча охирги пайғамбардирлар. У кишидан олдин ўтган қанчадан-қанча пайғамбарлар ҳам инсон наслидан эди, улар фаришта, жин ёки бошқа махлуқлар эмас эди. Олдинги пайғамбарларнинг барчалари ҳам Муҳаммад алайҳиссаломга ўхшаб эркак жинсидан эди. Илоҳий қонун шундай бўлгач, мушриклар яна нега ўзларича турли даъволарни қилиб юришибди? Нега фаришта ёки инсон бўлмаган бошқа махлуқлардан элчи юборишимизни талаб қилишяпти? Уларнинг асл мақсадлари бошқа: нима қилиб бўлса ҳам ўзларига ўхшаган инсонга итоат қилишмаса, ваҳийларимизни тан олишмаса, осийлик ва саркашликларида юришаверса! Агар улар ўзларининг бу осийликлари билан жонларига зулм қилаётганларини, охиратда улкан азобларга рўпара бўлишларини билганларида, бу қадар юзсизликка, қайсарликка бормаган бўлишарди! «Ўзимизга ўхшаган одам пайғамбар бўлолмайди» деб даъво қилаётган эй маккалик кофир ва мушрик кимсалар, агар пайғамбарларнинг фақат инсонлардан бўлишини билмасангиз, зикр аҳлидан - илм эгаларидан, Аҳли китоблардан сўрамайсизларми? Улар исбот талаб қилмайдиган бу ҳақиқатнинг барини сизларга айтиб берган бўлишарди.

8. Уларни овқат емайдиган жасад қилган эмасмиз, улар мангу яшаб қолувчи ҳам эмаслар.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитобан марҳамат қиляптики, Биз пайғамбарларни таом емайдиган жасад қилиб яратмадик. Модомики, уларнинг жасади борми, овқат ейишни ҳам исташади. Жасади бўлгач, таом ейишга эҳтиёжи бўлгач, демак у инсон бўлади. Модомики, жасади борми, таом ейдими, инсон эканми, демак у ер юзида абадий яшаб қолмайди. Инсоният тарихидан маълумки, Аллоҳ рисолат билан юборган пайғамбарларнинг барчалари инсонлардан эди. Уларнинг албатта инсон бўлишларини Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо қилади. Инсонларга илоҳий ҳикмат туфайли ўзларидан бўлган пайғамбарлар юборилган. Агар уларга фаришта ёки бошқа махлуқотдан пайғамбар келса, бу мантиққа ҳам тўғри келмас эди. Агар инсонга ўхшамаган бир мавжудот пайғамбар бўлиб келса, аввало, ҳозиргина пайғамбарнинг инсонлигини баҳона қилиб, имон келтирмаётганлар: “Ҳал ҳаза илла би ғойри мисликум” - «Қандай қилиб инсонларга ғайриинсон пайғамбар бўла олади» деб эътироз билдиришлари шубҳасиз эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳамиша инсонларга ўз жинсларидан, эркаклардан пайғамбар юбориб келган. Аллоҳнинг Ўзигагина маълум бўлган сабабларга кўра аёл жинсидан пайғамбар юборилмаган.

9. Сўнгра ваъдамизга содиқ қолиб, уларга ҳамда Ўзимиз хоҳлаганларга нажот бердик ва ҳаддан ошувчиларни ҳалок қилдик.
Яъни, барча пайғамбарларда инсонларга хос бўлган сифат ва хусусиятлар мавжуддир. Уларнинг имтиёзлари шуки, уларга Аллоҳ таолонинг ваҳийлари келиб, улар воситасида инсонларни тўғри йўлга, ҳидоятга солиб туришади. Уларга Парвардигорлари мадад ва нусрат бериб туради, бу билан душманларини даф қилиб туришади. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, «Кейин пайғамбарларга берган ваъдамизнинг устидан чиқдик. Ўша пайғамбарларга ва уларга эргашган мўминларга нажот ва фатҳу нусрат бердик. Ҳаддан ошувчиларни, яъни ҳидоят йўлини топиш имконидан воз кечиб, куфр ва ширкда бардавом бўлганларни ҳалок этдик. Илоҳий низом шу, ҳамон куфрида юрганлар бу ҳақиқатни тан олиб, кўзларини очсинлар, вақтни бой бермай имонга келсинлар!». Сўнгра Аллоҳ таоло арабларга, яъни Макка аҳлига хитоб қилади:

10. Дарҳақиқат, сизларга Китоб нозил қилдик. Унда сизларнинг зикрингиз бор, ақл юритмайсизларми?!
Яъни, эй маккаликлар, Аллоҳ таоло сизларни бошқа шаҳарларнинг аҳлидан фазилатли қилди, сизларга Ўзининг охирги Китоби - Куръони каримни нозил қилди. Унда сизларнинг зикрингиз, шарафингиз ва иззатингиз бор. Шундай бўлгач, ақлингизни ишлатмайсизми, Аллоҳ берган бу неъматларнинг қадрига етиб, шукр қилмайсизми? Ҳақиқатан ҳам “Уммул-қуро”, яъни «шаҳарлар онаси» деб таърифланган Маккаи мукаррамада охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг киндик қонлари тўкилган, у зотга ватан бўлган, унга Аллоҳнинг илк ваҳийлари инган. Унинг ҳар бир қарич ери, ҳар бир тоши, ҳар бутаси табаррук, ардоқли, кўзга суртарли азиз. Унинг бирор овлоқ жойи йўқки, ўша ерга охирзамон Пайғамбари, инсонларнинг энг комили, Аллоҳ таоло томонидан бутун оламларга раҳмат этиб юборилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак қадамлари тегмаган бўлсин! Араблар ақлларини ишлатиб, Қуръонга амал қилиб, ундаги зикр-эслатмалардан ибрат олиб яшаган даврларида бутун дунё уларни зикр этадиган бўлиб қолди. Қуръони каримдан олдин уларни ҳеч ким тилга ҳам олмас эди. Қуръони карим уларни тарихга олиб кирди. Уларга шону шавкат, хурмату иззат келтирди. Унда нега маккаликлар бу ҳақда фикр юритишмаяпти, имонга келишмаяпти?

11. Қанчалаб золим қишлоқларни ҳалок қилдик ва улардан кейин бошқа қавмларни пайдо этдик.
Ояти каримадаги «ҳалок қилдик» деб таржима қилинган арабча «қосамна» ибораси «синдириш, яксон қилиш, даҳшатли ҳалокат» маъноларини билдиради. Дунё ҳаётининг боришига назар солсангиз, ажиб манзарага гувоҳ бўласиз: одамлар эртаю кеч ҳаётларини ўзгартириш, яхшилаш йўлида тер тўкишади. Янгидан шаҳар-қишлоқлар пайдо бўлади. Улар ўсиб, ривожланиб, гуллаб-яшнаб бораверади. Аммо қайси бир шаҳар-қишлоқнинг аҳли Аллоҳнинг ҳукмларидан чекинса, зулмга ўтса, Аллоҳ таоло уларнинг белини синдиради, ўлкаларини ер билан яксон қилиб, аҳолисини ҳалок қилади. Зулм нақадар ёмон иш эканини шундан ҳам билиб олиш мумкин. Золим бўлган шаҳар-қишлоқларни синдириб, яксон қилиб ташлаш Аллоҳ таолонинг иродасидир. Тарих ғилдираги айланаверади. Аллоҳ зулмга кетган бир қавмни ҳалок этса, бошқасини янгидан дунёга келтириб, тарих саҳифасига чиқариб қўяверади. Ўша янги қавм ҳаракат қилиб, кўзга кўринади, ривожланади, тараққий этади, ўсади. Аммо ҳаддидан ошиб, зулмга ўта бошласа, у ҳам бир куни ҳалок бўлади. Ҳар бир қавм ривожлангани, иши юришиб тургани сайин ғурурга кетиб, ҳеч нарсани назарига илмай қўя бошласа, Аллоҳнинг азоби ва балоси муқаррар бошига келади. Тарихда бунга мисоллар жуда кўп. Каъбул Ахбор Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога шундай деган: «Агар қиличлар яланғочланганини кўрсанглар, қонлар оқса, билингларки, Аллоҳнинг ҳукми уларни ҳалок қилибди, Аллоҳ таоло бир-бирлари билан улардан интиқом олаётир. Агар ёмғир ёғмаётганини кўрсанглар, билингларки, одамлар закот бермай қўйишган, Аллоҳ ҳам уларга ёмғир бермай қўйган. Агар вабо тарқалганини кўрсанглар, билингларки, у ерда зино тарқалгандир».

12. Улар азобимизни сезиб қолишгач, бирдан у ердан қоча бошлашади.
Аллоҳнинг азоби узоқ куттирмайди. Куфр ва ширк ботқоғига ботган қавмларнинг устига бу азобнинг келиши ҳақ! Аммо улар ўз жоҳилликларига бориб, қилмишларининг жазосидан қутулиб қолишнинг пайидан бўлишади. Аллоҳ Ўзининг азоби ёки балосини юборганини сезганлари заҳоти ўша ердан қочиб қолишга ҳаракат қилишади. Аммо шуни билишмайдики, ҳамма нарсага қудрати етадиган буюк Аллоҳнинг азоби ва жазосидан ҳозиргача Унинг ҳеч бир махлуқи қочиб қутула олмаган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ уларни гуноҳлари сабабли ушлади ва улар учун Аллоҳдан ўзга бирор ҳимоячи бўлмади. Бунга сабаб - уларга пайғамбарлари ҳужжат келтиришганида улар инкор этдилар. Шунда Аллоҳуларни ушлади. Зеро, У кудратли ва азоби қаттиқдир” (Ғофир, 21-22).

13. “Қочманглар! Маишатбозлик қилган жойларингизга, масканларингизга қайтинглар, балки сўроқ қилинарсизлар?!”
Аллоҳнинг азобидан қочиб, қутулиб қолиш пайида ўз шаҳар-қишлоқларини ташлаб қочаётган кофир, золим ва тажовузкорларга қарата Аллоҳ таоло: “Қочиб овора бўлманглар, маишатбозликка мубтало бўлиб, айшу ишратдан бошқасини қилмаган жойларингизга, масканларингизгатезда қайтинглар. Сўроқ қилиниб, қилмишларингизга жавоб бермагунча ҳеч қаёққа кета олмайсизлар!” деб хитоб қилмоқда. Бундай кимсаларнинг дунё ҳаётидаги турмушлари деярли бир хил кечади: умрлари давомида қанча-қанча турфа таомларни еб, қанча ичимлик-шарбатларни ичиб тугатишади. Ҳаётлари мазмунини фақат еб-ичишда, яхши кийинишда, иложи борича дунёнинг лаззатларига ғарқ бўлишда деб тушунадиган бу жоҳиллар неъмат ва шаҳват ичида дунёга нега келиб-нега кетаётгани ҳақида ўйлашга вақт ва имкон тополмай қолади. Бир куни қарашсаки, умр поёнига етибди, “кексалик” деган нохуш, кутилмаган бир меҳмон эшик қоқиб келибди. Ундан қочгани жой йўқ, илож йўқ, у алдаганга ҳам кўнмайди. Ожиз инсон Аллоҳнинг азобидан ҳеч қаёққа қоча олмайди, у барибир қиёматда тирилтирилиб, қилмишлари ҳисобини албатта беради.

14. Улар: «Ҳолимизга вой! Ҳақиқатан бизлар золим эканмиз», дейишади.
Ўша золим, шаҳватига қул бўлган кимсалар қиёмат қойим бўлиб, кўзларига азоб ва қийноқлар кўриниб қолганидан кейингина ўзларининг қилмишлари, зулмлари, ёвузликлари, тажовузкорликлари эсларига тушиб қолади. Улар дунё ҳаётида зулм қилиб, Парвардигорнинг пайғамбарларини инкор қилиб келганлари, энди ана шу осийликларининг жазосини тортишлари муқаррар экани хаёлларига келиб қолди. Шунда улар дод-вой солишади, надоматлар чекишади, ўз золимликларини англаб, нажот ахтара бошлашади. Аммо энди кеч бўлган, ёрдам берувчи, жонларига оро кирувчи бирор дўстни топишнинг вақти ўтган эди. Аллоҳ таоло айтади: “Биз ўликларни албатта тирилтирурмиз ва уларнинг юборган амалларини ва (қолдирган) асоратларини ёзиб кўюрмиз. Аниклаб берувчи Лавҳул-маҳфузда барча нарсани ҳисобга олганмиз” (Ёсин, 12).

15. Ўша дод-войлари уларни ўрилган ўтдай, совуган кулдай қилгунимизча давом этди.
Аллоҳ таолонинг мулки ҳеч қачон обод бўлмасдан қолмайди. У бир қавмни ҳалок қилиб, ер юзидан йўқотиб юборса, бошқа бир қавмни вужудга келтириб, дунёни яна обод қилаверади. Аллоҳ таоло ана шундай осий бандаларнинг қиёматдаги ҳолатларидан хабар бериб айтяптики, уларнинг ҳаммасини ўтни ўргандек, ўриб ташладик, ҳалок қилдик ва совуган кулдай қадрсиз нарсага айлантирдик. Улар энди дод-вой қилишдан, қилмишларига афсус чекиш-дан бошқа нарсага ярамайдилар. Илоҳий азоб келганида кофир ва мушрик кимсаларнинг гирибонидан олади, улар худди ердан ўриб олинган ўт-хашакдай ёки ёнган ўтиннинг кул бўлгани каби ер юзидан беномунишон йўқ бўлиб кетишади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Агар сизлардан бирортангиз вафот этса, (дўзах ёки жаннатдан бўлган) ўрни (қабрида) унга эртаю кеч кўрсатиб турилади. Агар у жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлининг ўрни, дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлининг ўрни кўрсатилади ва унга: «Бу жой қиёмат кунидаги ўрнингдир», дейилади (Бухорий ва Муслим ривояти).

16. Осмону Ерни ва улар орасидаги нарсаларни шунчаки ўйнаб яратганимиз йўқ.
Ҳар бир оқил инсонга кундай равшанки, бепоён осмонлар, Ер, улкан сайёра ва юлдузлар, атрофимиздаги борлиқ шунчаки ўйнаб-ўйин қилиб яратиладиган нарсалар эмас. Ҳеч бир мақсадсиз, беҳудага шунчалик уринишнинг кераги ҳам йўқ. Мақсад ўйин бўлганида, шунга мосроқ нарсалар яратилган бўлур эди. Аллоҳ таолонинг улкан яратувчилик қудрати маҳсули бўлган бу коинот ва замин инсонларнинг Аллоҳга бандаликларини намоён қила олиш имкони учун халқ қилингандир. Коинотнинг қатъий ва мустаҳкам тартибида, табиатнинг бузилмас қонунларида, олам яралишининг гўзаллигида, бизни ўраб турган теварагимиздаги ҳамма нарсаларда Аллоҳ таолонинг қудрат қўли ва чексиз ҳикмати яққол кўриниб турибди. Атрофимизга фикр кўзи, ибрат назари билан боқадиган бўлсак, бутун олам бир моддадан ва ягона режа асосида яратилганига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ наботот ва ҳайвонот оламини шундай ҳикмат, дақиқ бир қонуният, аниқ ҳисоб-китоб билан яратиб қўйганки, Холиқимизнинг ҳар бир кашфиётидан, ҳар бир ҳикматидан ҳайратга тушмай, қойил қолмай, тасаннолар айтмай иложимиз йўқ!

17. Агар кўнгилхушликни ирода қилганимизда уни қилувчи бўлганимизда ҳам Ўз ҳузуримиздан қилиб олган бўлар эдик.
Яъни, ушбу оламни яратувчи буюк Холиқ дунёни бекордан-бекорга яратган эмас. Албатта бунда буюк ҳикматлар, бандалар англаб ета олмайдиган сиру асрорлар бор. Бу олам томошахона эмас, балки имтиҳон майдонидир, охиратга элтувчи бир йўлакдир. Парвардигор ўйин-кулгига муҳтож эмасдир. Бу ояти каримадаги гап фаразан айтилган бўлиб, «бўлиши мумкин эмасу, мабодо бўлган тақдирда ҳам шундай бўларди» маъносида келган. Аллоҳ таоло кўнгилхушлик қиладиган Зот эмас, аммо мабодо шундай қилса ҳам ўша кўнгилхушлик қилиш воситаси Унинг Ўзи томонидан, Ўзига боғлиқ нарсадан бўлар эди, бандаларга асло боғламас эди. Фақат одамлар билиб қўйсинларки, Аллоҳ осмонлару Ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб, кўнгилхушлик қилиш учун яратган эмас, балки уларни тенгсиз илоҳий ҳикмат билан, улкан мақсадлар учун яратган.

18. Йўқ, ҳақни ботил устига отамиз. Шунда уни яксон қилгач, бехосдан у заволга учрайди. Сизларга эса қилган тавсифларингиздан вой бўлсин!
Аллоҳ таоло ботилни маҳв этиши, илоҳий ҳақиқатни юзага чиқариши учун ҳақни юборган. Агар ким ботилга тарафдор бўлиб, ҳаққа қарши чиқса, унинг оқибати аянчли, ўзи ҳалок ва хароб бўлади. Модомики, осмонлару Ердаги, улар орасидаги ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг мулки экан, ким Унинг азобини инкор қила олади, ким бу жазодан қочиб қутула олади? Мушрик ва кофир кимсаларнинг ўйлаётган ўйлари ҳам, сўзлаётган сўзлари ҳам, қилаётган ишлари ҳам нотўғри. Ҳеч қачон уларнинг ботили юзага чиқмайди. Ҳақ келгач, ботил албатта йўқ бўлади, яъни ҳақ ботилни яксон қилади. Эй мушриклар, Аллоҳ ҳақида қилган нотўғри ва ноҳақ таърифларингиз, жумладан, “Унинг боласи бор”, “хотини бор” каби алжирашга ўхшаш гапларингиз туфайли ҳам бошингизга ҳалокат ва Аллоҳнинг азоби келади.

19. Осмонлардаги ва Ердаги ҳамма нарса Уникидир. Унинг ҳузуридагилар Унинг ибодатидан орланишмайди ҳам, мағрурланишмайди ҳам.
Осмонлар ва Ердаги барча жонзотлар Аллоҳ таолоникидир, борлиқдаги ҳамма нарса ёлғиз Уникидир. Уларнинг ҳисобини ҳам, қилмишларини ҳам Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шундай бўлгач, нега инсонлар Унга осийлик қилишади, ваҳийларини ёлғонга чиқаришади, Пайғамбарига туҳмат қилиб, унинг даъватларига қулоқ осишмайди? Унга тоат-ибодат қилишдан нега бош тортишади? Ёки озгина эзгу иш қилиб қўйишса, нега мағрурланиб, кибрга боришади ёки Унга итоатни малол кўришади? Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги фаришталар Унга ибодат этишдан бўйин товлашмайди, мушрикларга ўхшаб мутакаббирлик қилишмайди. Улар ихлос, ҳушуъ, ҳузуъ билан ибодат этадилар, Аллоҳга ибодатни малол ҳам олмайдилар.

20. Улар кечаю кундуз чарчамай тасбеҳ айтишади.
Аллоҳнинг ҳузуридаги фаришталар Парвардигорларини поклаб, кечаю кундуз чарчамай У Зотга тасбеҳ айтишади, Унинг зикри билан машғул бўлишади. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг имонли бандалари орасида ҳам Унинг зикри билан машғул, тинмай тасбеҳ айтадиган ихлослилари ҳам кўп. Ибодат ва ихлосда бардавом бўлиб турган ана шундай бандаларининг борлиги олдида У Зотнинг ибодатидан такаббурлик қилиб, бўйин товлаган бир гуруҳ мушрикларнинг саркашлиги қаёққа борар эди? Қуръони каримда Аллоҳ таоло: «Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман, Менга шукр қилингиз ва Менга ношукрлик ҳилмангиз» (Бақара, 152), деб амр этган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ўлим фариштаси ўлаётган кишининг олдида ҳозир бўлиб, унинг қалбига назар солади. Қалбидан ҳеч нарса топмайди. Сўнгра унинг иккала жағини очиб, тилининг «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган ҳолда танглайига ёпишиб қолганини кўради. Ихлос калимаси туфайли бу банда мағфират қилинади», деганлар (Байҳақий ривояти). Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг, карамли саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг ва барча солиҳ салафларимизнинг тиллари ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан банд бўлган. Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилса, уларни малоикалар ўраб олади ва раҳмат қоплайди. Устларига хотиржамлик-сакинат туширади. Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар билан эслайди» (Муслим ривояти). Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳни зикр қиладиган киши билан зикр қилмайдиган кишининг мисоли худди тирик билан ўликнинг мисоли кабидир» (Бухорий ривояти).

21. Ёки улар ердан тирилтирадиган илоҳлар ясаб олишган-ми?
Аллоҳ таолонинг тоатидан бўйин товлаётган ўша кимсалар бу қилмишлари билан нима дейишмоқчи ўзи? Мушрикларнинг ўзларини бундай саркашларча тутишларига сабаб нима? Нима учун ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилмай, тавҳиддан бош тортмоқдалар? Ёки улар ердаги тупроқ, лой, ёғоч, тош ва бошқа нарсалардан бўлган «илоҳ»лар топиб-ясаб олишганми? Ёки уларни ҳеч бир ишга ярамайдиган ўша жонсиз «илоҳ»лари тирилтирадими?

22. Агар иккисида Аллоҳдан ўзга илоҳлар бўлганида ҳар иккови ҳам бузилиб кетган бўлар эди. Аршнинг Парвардигори Аллоҳ улар сифатлаётган нарсалардан покдир.
Осмонларни ҳам, Ерни ҳам, ушбу борлиқдаги ҳамма нарсани ҳам Аллоҳнинг Ўзи яратган, бунда У ҳеч бир мавжудотни Ўзига шерик қилмаган. Замин ва коинотни ёлғиз Ўзи яратган бўлгани учун ҳам уларни Аллоҳнинг Ўзи низомга солади, бошқаради, тадбирини қилади. Шунинг учун ҳам борлиқда илоҳий низом ҳукмрон, дақиқ мутаносиблик жорий бўлган. Само жисмларидан қуёш ойнинг ўрнини эгаллаб олмайди, кеча кундузнинг ўрнига келмайди, юлдуз ва сайёралар йўлини ўзгартириб, бир-бири билан тўқнашиб кетмайди. Бордию мушрик кимсалар даъво қилаётганидай, Аллоҳга ҳар хил шерикларни нисбат бераётгандай, ушбу борлиқда иккита ҳукмдор бўлганида ҳаммаси батамом издан чиққан, бири бирига ҳалақит қилган, ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетган бўлур эди. Бир кемани ёки бир машинани икки киши бошқаришга ўтса, нима ҳолат бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг: бири ўнгга юраман деса, бошқаси чапга йўл солса, ўша кема ёки машина ҳалокатга учрамайдими? Модомики, борлиқ қатъий бир низомга бўйсуняптими, жипс ҳолидами турибдими, бири бошқаси билан мутаносибми, демак, уни яратган ва тадбирини қилиб турган Зот биттадир. Мушрикларнинг Аллоҳга шерикларни ўйлаб топишлари, ўзларининг бут-санамларини у зотга шерик қилишлари соғлом ақлга мутлақо тўғри келмайдиган сафсаталардир. Аршнинг ва бутун борлиқнинг Парвардигори ягона Аллоҳ мушриклар тасвирлаётган шериклардан покдир. Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир.

23. У Ўзи қиладиганлардан сўралмайди, балки улар сўралишади.
Аллоҳ таолони ҳеч ким бирор ишни қилишга мажбурлай ҳам олмайди ёки қилган иши ҳақида сўроққа ҳам тута олмайди. У Зот бутун осмонлар ва Ернинг ягона Эгаси, Парвардигори бўлгани учун хоҳлаган ишини қилади, хоҳламагани тарк этади. Аксинча, У Ўзи яратган бандаларини ҳар бир амаллари, қилган ишлари юзасидан охиратда саволга тутади, ҳисоб қилади. Мушрик кимсалар ўзлари ўйлаб топган бут-санамларга сиғиниб, улардан умид қилиб юришган экан, қиёматда уларнинг аҳволи ниҳоятда танг бўлади. Аллоҳ азза ва жалла уларни маҳшаргоҳда ҳисобга тортганида жавоб топа олмай, бошларини қаёққа уришни билмай қолишади. Дунё ҳаётида Аллоҳни қўйиб, бошқа илоҳларга сиғиниб юришгани уларнинг ҳалокатига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: Бу Аллоҳнинг ҳар кимга қилмишига яраша жазо бериши учундир. Аллоҳ албатта тез ҳисоб қилувчидир. Бу одамларга у билан огоҳлантирилишлари, У Зотнинг ягона Илоҳ эканини билишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун баённомадир” (Иброҳим, 51-52).

24. Ёки Ундан ўзга илоҳларни тутишдими? (Эй Муҳаммад), «Далилингизни келтиринг, мана шу мен билан биргаларнинг эслатмаси ва мендан олдингиларнинг эслатмасидир», денг. Йўқ, уларнинг кўплари ҳақни билмай туриб юз ўгирувчилардир.
Бу ояти каримада охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломга мушриклардан ўзларининг Аллоҳга шерик қилган нарсалари учун далил-ҳужжат келтиришларини талаб қилиш буюрилмоқда: Яъни, “Агар ўзларингиз сиғинаётган бут-санамларингиз ёки Аллоҳ таолога фарзандлар ва шериклар нисбат бераётганингиз учун бирорта ишончли далилингиз бўлса, келтиринглар-чи, ўшанда сизларнинг даъволарингиз ҳақида ўйлаб кўрайлик”. Аллоҳ азза ва жалла бу ваҳийси орқали шуни эслатяптики, бу умматнинг ўзи ва Китоби Қуръони карим ҳам, аввалги умматларнинг ўзларию ва Китоблари Таврот ва Инжил ҳам бари тавҳидда бир-бирларига мувофиқдир, якдилдир. Лекин жоҳиллар азбаройи ўз нодонликлари туфайли ҳақиқатни билмасликлари, билишса ҳам, тан олишни истамасликлари сабабли адашиб, гумроҳлиқда юришибди. Ваҳоланки, агар уларда озгина фаросат ёки инсоф бўлганида аллақачон ушбу ҳақиқатларни тушуниб етган, имон келтирган ва ҳақ сўзга амал қилишга киришган бўлур эдилар. Ҳолбуки, Аллоҳнинг охирги Китоби Қуръонда ҳам, ўзларига нозил қилинган Таврот ва Инжилда ҳам Аллоҳнинг бирор шериги борлиги ҳақида ҳеч бир сўз айтилмаган. Бирор нарсани даъво қилган одам гапини исботлаш учун ҳужжат-далил келтиради. «Аллоҳнинг шериги бор» дейиш дунёдаги энг катта даъво ҳисобланиб, буни исботлаш учун ҳужжат-далил керак. Қани, эй мушриклар, сизлар бу даъвоингиз учун ҳужжатларингизни келтиринглар-чи! Келтира олмайсизлар ҳам!
Тавҳиднинг асоси ширкнинг барча турлари ва даражаларидан сақланиш ҳамда унга олиб борадиган йўллардан эҳтиёт бўлишдир. Аллоҳ таолога оид бўлган хусусларда жонли-жонсиз нарсаларни Унга шерик қилиш «ширк» дейилади. Яъни, Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш, Ундан ўзгалардан ҳожатларни раво қилишни сўраш, яхшилик ва ёмонликни Аллоҳдан бошқадан кўриш ширк ҳисобланади, бундай қилганлар «мушрик» дейилади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо, 48); «Уларнинг аксарияти Аллоҳга фақат мушрик ҳолларидагина «имон» келтирадилар» (Юсуф, 106). Ширк икки хил: катта ширк ва кичик ширк бўлади. Катта ширк гуноҳларнинг Аллоҳ кечирмайдиган энг улканидир, уни қилган жаннатга кирмайди. Бутпарастлар, қуёш, ой, юлдузларга топинувчилар, оташпарастлар, даҳрийлар, санамларга сиғинувчилар, ҳодисаларда Аллоҳдан бошқа бир кучнинг ҳам таъсири бор, деб ўйловчилар ана шу тоифага киради. Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичиш ёки бошқанинг номига назр қилиш, кўзмунчоқ ва тумор кабиларни тақиш, сеҳргарлик ва мунажжимлик, коҳин ва фолбинларга ишониш, бахтсизликка ишониш, қабрларга сиғиниш ёки марҳумлардан мадад кутиш кабилар ширк амаллар қаторига киради. Фақат солиҳ, олим ва фазилатли кишиларнинг қабрларини ибратланиш ва эргашиш мақсадида зиёрат қилиш мумкин. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келдим, у киши оқ кўйлакда ухлаб ётардилар. Бироздан сўнг яна келдим. Энди у киши уйғонган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор банда Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини айтиб, мана шу эътиқодида ўлса, албатта жаннатга киради», дедилар. Мен: «Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар. «Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам?» дедилар. Мен яна: «Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам, Абу Зарр буни ёмон кўрса ҳам», дедилар. Абу Зарр қачон бу ҳадисни айтса: «Гарчи Абу Зарр буни ёмон кўрса ҳам», дер эди» (Бухорий ва Муслим ривояти).

25. Сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга: «Мендан ўзга илоҳ йўқ, фақат Менга ибодат қилинглар» деб ваҳий туширганмиз.
Инсоният тарихига назар ташласангиз, бирор самовий дин ёки илоҳий таълимот бўлмаганки, улар Аллоҳнинг тавҳидига чақирмаган бўлсин. Инсонларга юборилган барча пайғамбарлар ҳам тавҳид ақидасига ижмоъ қилишган, улар ўзларига эргашганларни Аллоҳнинг ваҳдониятига чорлашган. Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарига “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва бўлмайди ҳам” деб имон келтиришга чақиришни буюрган ҳамда бандаларини фақат Ўзига ибодат қилишга чорлаган. «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб имон келтириш Ислом динининг энг биринчи асоси, тавҳиднинг шиоридир. Бу билан инсонлар Аллоҳ таолонинг ягоналигини, У ҳамма нарсанинг танҳо яратувчиси эканини, У бутун коинот ва жамиятдаги ҳамма нарсани кузатиб-бошқариб туришини, фақат Унинг Ўзигагина сиғиниш, шукр ва ибодат қилиш, амр-фармонларига итоатда бўлиш зарурлигини англайдилар. Аллоҳ таоло айтади: «Ана ўша Парвардигорингиз Аллоҳдир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У ҳамма нарсани яратувчидир. Демак, Унгагина бандалик қилингиз!» (Анъом, 102); Барча пайғамбарлар каби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматни тавҳидга, фақат Аллоҳга қуллик қилишга чақирганлар. Бу ҳақда бир қанча ҳадиси шарифлар келган. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик берса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади» деганларини эшитганман», деди (Муслим ривояти); Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имон етмиш неча ҳам қисмдир. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси, энг қуйиси азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашдир ва ҳаё имондандир», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Биз “Лаа илааҳа иллаллоҳ” («Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ») деганимизда Аллоҳдан бошқа сиғинишга лойиқ маъбуд, илоҳ йўқлигини, Аллоҳнинг яккаю ягоналигини тушунамиз. Ана шу «йўқ» ва «бошқа» сўзларининг, яъни инкор ва тасдиқнинг ўртасида бутун бир эътиқод мавжуддир. «Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ»: бундаги «йўқ» деган инкор илоҳийликни қалбларимиз сиғинаётган барча салбий, ёмон нарсалардан тўсиб, асраб туради. Гуноҳ ва васвасаларга, риё ва тамаларга, мустабидликка, ўзгармас ҳою ҳавасга, ахлоқсизликка - барига тўсиқ бўлади. Бу калимани айтиш билан юқоридаги барча ёмонликларга «Иўқ, биз сизларга кўнгил қўймаймиз!» деймиз, барча бут-санамларга, ёвузларга «Иўқ, сен илоҳ эмассан!» деймиз! Кейин биз юқоридаги ёмонликларга майл билдириб, хоҳлаб турган қалбимизга қарата «йўқ!» деймиз. Сабаби, инсон одатда ўз қалбига, унинг эҳтиросларига, одатларига, кайфиятига муте бўлади, қалб эса унинг ақлига, талантига, машхурлигига бош эгади. У, одамлар ва жамиятнинг мавқе ҳамда тақдирлари калити менинг қўлимда, деб ўйлайди. Шундай қилиб, инсон ўзи сезмаган ҳолда қалбини илоҳга айланитириб олади. Биз бу қалбга: «Йўқ, сен илоҳ эмассан, биз сенга сиғинмаймиз!» деймиз.

26. Улар: «Раҳмоннинг боласи бор», дейишади. У бундан покдир. Йўқ, улар мукаррам бандалардир.
Олдинги суралар тафсирида зикр қилинганидек, ҳар замоннинг мушриклари Аллоҳга фарзандларни нисбат бериб, “Раҳмоннинг боласи бор” деган нотўғри, ботил эътиқодда бўлишган. Аҳли китобларнинг айрим тоифалари Узайр алайҳиссаломни Аллоҳнинг ўғли, дейишади, яна бир тоифалари Исо ибн Марямни Аллоҳнинг фарзанди, дейишади. Ҳатто Исо Масиҳ Аллоҳнинг ўзидир, деювчи адашган гуруҳлар ҳам бор. Араб мушриклари орасида эса “Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир” деган ботил тушунча ҳукмрон эди. Ояти каримада уларга қарата: “Йўқ, фаришталар Аллоҳнинг қизи бўла олишмайди,улар Парвардигорларига итоатда бўлган, му-каррам-икром қилинган бандалардир”, дейилмоқда.
Раҳмон исмли Аллоҳ таолога фарзандлар ёки шериклар нисбат бериш инсониятнинг энг машъум ва кечирилмас хатосидир. Инсонларни, бошқа барча махлуқотни йўқдан бор қилган, уларни ризқ билан таъминлаган, дунё ва охиратдаги ҳаётларини бахш этган Зот хотин ёки фарзандга эҳтиёж сезармиди? Ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож бўлмаган, аксинча бандаларига Ўзи кўмак берувчи Аллоҳ, азалда ҳам бўлган, охирида ҳам мангу қолувчи Аллоҳ, зотий сифатлари билан Ўзи яратган махлуқларидан мутлақо фарқланувчи Аллоҳнинг оила қуришга, фарзанд кўришга ҳожати тушармиди? Аллоҳ фарзанд кўриш, турмуш қуриш каби фақат инсонларга хос бўлган бундай одатлардан мутлақо покдир. Инсонларгина “кексайганимда бирор ёрдами тегар, ўлигимни кўмар, ишларимни давом эттирар” деган фикрлари билан фарзандга ҳожатманд бўлади.

27. Хузурида Ундан олдин бирор сўз айтишмайди, Унинг амри билангина иш қилишади.
Мушрик кимсалар даъво қилганидай, фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмас, балки Унинг азиз қилинган бандаларидир. Улар шунчалик одобли, шунчалик итоатли, Аллоҳни шунчалик улуғлайдиларки, ҳатто Унинг ҳузурида бирор сўз айтишга ботинмайдилар. Аллоҳ нимани амр қилса, сўзсиз амалга оширадилар. Фаришталар Аллоҳнинг ҳар бир амрига тайёр, ҳукмига муте, Унинг ҳузурида ҳар лаҳзада хавфда, хавотирда туришади. Агар фариштадан Аллоҳга шериклик даъво қилинган бирор сўз чиқса, у дарҳол дўзах билан жазоланади, у ҳолда у ўзига зулм қилган бўлади. Фаришталар Аллоҳ таолонинг ҳукмини бандаларга етказиш, Аршни кўтариб туриш, жаннат ва дўзах ишларини бажариш, одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиш, инсонни доимий муҳофаза қилиш, руҳларни қабз қилиш ва бошқа вазифаларга мукаллаф этилган. Жаброил, Микоил, Исрофил, Азроил алайҳимуссалом фаришталарнинг улуғларидир. Жаброил алайҳиссалом ваҳий етказишга, Микоил алайҳиссалом Аллоҳ берган ризқларни тасарруф қилишга, Исрофил алайҳиссалом қиёматдан огоҳ этувчи сурни чалишга, Азроил алайҳиссалом инсонлар жонини қабз қилишга вазифалантирилган.

28. У улардан олдинги нарсани ҳам, кейинги нарсани ҳам билади. Улар фақат У рози бўлганларнигина шафоат қилишади. Улар Ундан қўрқиб, хавфда туришади.
Яъни, Аллоҳ таоло фаришталарнинг келажакдаги ишларини ҳам, ўтган замонда қилган ишларини ҳам яхши билади. Аллоҳ таоло уларни Ўз илми билан иҳота қилгандир. Фаришталар қиёматда шафоат қилгудай бўлишса, фақат Аллоҳ таолонинг изни билан, У Зот рози бўлган одамларнигина шафоат қила олишади. Ана шундай итоаткор, ҳар бир ишни фақат Парвардигорнинг изни билангина қила оладиган мукаррам фаришталарни «Аллоҳнинг қизи», «шериги» деб бўладими?

29. Улардан ким: «Мен Ундан ўзга бир илоҳман» деса, ўшани жаҳаннам билан жазолаймиз. Золимларни ана шундай жазолаймиз.
Инсонми ёки фариштами, ҳукмдорми ёки оддий одамми, ким бўлишидан қатъи назар, у «Мен Аллоҳдан ўзга илоҳман», деса, бунинг жазоси жаҳаннам бўлади. Чунки у ўша ноҳақ даъвоси билан улкан зулм қилган бўлади. Аллоҳ таоло золим кимсаларни Ўзининг қаттиқ азоби ва дўзаҳдаги абадий қийноқлари билан жазолайди. Ўзича илоҳлик даъво қилган Мусо алайҳиссалом замонидаги Фиръавн ҳам, Иброҳим алайҳиссалом давридаги золим подшоҳ Намруд ҳам, Асҳоби каҳф замонидаги Дақиюнус кабилар ҳам қилмишлари учун Аллоҳ таолонинг қаттиқ азобига гирифтор бўлганлар.

30. Куфр келтирганлар осмонлар ҳам, Ер ҳам яхлит битта бўлганини, сўнг уларни ажратиб юборганимизни ва барча мавжудотни сувдан пайдо қилганимизни кўрмайдиларми, энди имон келтирмайдиларми?
Аввалда осмонлар ва Ер бир-биридан ажратилмаган, алоҳида қилинмаган, иккови яхлит бир нарса эди. Кейин Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг қудрат қўли билан иккисини бир-биридан ажратди, алоҳида-алоҳида қилди. Ўшангача иккови ҳам худди ўлик каби ҳолатда эди, осмонлардан ёғин ёғмас, ердан гиёҳунмас эди. Аллоҳ таоло Ер юзида тарқатиб қўйган инсонларнинг манфаати учун осмонлар ва Ернинг “оғзи”ни очди, кўкдан сув кела бошлади, ерда ўт-ўланлар ўса бошлади. Бу сувдан Парвардигор турли махлуқларини яратди. Парвардигор оятларини инкор қилувчилар Аллоҳ таоло қудратининг ушбу буюк нишоналарини кўриб ҳам Унинг борлигига ва ягоналигига имон келтиришмайдими? Моддиюнчи олимлар коинотнинг, бу оламнинг аввали бўлмаган, демак, у яратилмаган, деб даъво қилишади. Аммо 1929 йилга келиб америкалик фалакиёт олими Эдвин Хаббл улкан телескоп орқали коинотни кузатар экан, барча осмон жисмлари бир-биридан узоқлашаётганини кашф этди ва коинот қачонлардир содир бўлган “улкан портлаш” оқибатида парчаланиб, ҳамма ёққа сочилиб кетган ва бу жараён ҳанузгача давом этаётир, деган хулосага келди.
Энди озгина тафаккур қилиб кўрайлик: ўша портлаш оқибатида кенгаяётган коинотни аксинча ҳолатда торайтира борсак, охири бориб бир нуқтага айланадими? Демак, вақт ва замон тушунчаси ўша нуқтадан бошланган экан-да! Демак, бу оламнинг аввали бўлган экан-да! Демак, уни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: «Ҳақиқатан Парвардигорингиз Аллоҳ осмонлару Ерни олти кунда яратган, сўнгра Аршда истиво қилган. У бир-бирини бетиним қувадиган кундузни кеча билан ўрайди, куёш, ой ва юлдузларни амрига бўйсунувчи қилиб яратди. Огоҳ бўлингларки, яратиш ва ҳукмронлик қилиш Унгагина хосдир. Оламлар Парвардигори мутлок, буюкдир” (Аъроф, 54). Исломни қабул қилган фарангистонлик машҳур олим Морис Букай ўзининг “Таврот, Инжил, Қуръон ва ҳозирги илм” илмий асарида шундай ёзади: “Биз яшаётган Галактиканинг ёши ўн миллиард йил деб тахмин қилинмоқда. Қуёш системаси эса ундан беш минг йил кейин вужудга келган. Ернинг ёши билан Қуёш пайдо бўла бошлаган вақт орасида 4,5 миллиард йил фарқ бор. Галактикамиздаги юз миллиард юлдуздан ярмиси Қуёшга ўхшаб ўзининг планеталар системасига эга экани тахмин қилинади. Яъни, эллик миллиард юлдуз худди Қуёшга ўхшаб ҳаракатланади. Улар атрофида ҳам йўлдош ҳолидаги планеталар, яъни сайёралар бор”.
Ушбу ояти карима маъноси хусусида аввалги ва ҳозирги муфассирлар бир неча хил маънолар айтишган: биринчиси - Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган бўлиб, унга биноан: «Осмон ёпиқ эди, Биз уни очдик ва ёмғир-қор ёғдирдик, оқибатда ўша сув билан ҳамма тирик нарсалар пайдо бўлди»; иккинчиси - айрим муфассирларнинг фикрлари бўлиб, унга кўра: «Осмонлару Ер йўқ эди, уларни Биз яратдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик»; учинчиси - Ибн Аббос, Икрима, Ҳасан, Қатода розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган бўлиб, шунга биноан: «Осмонлару Ер бир-бирига ёпишган, яхлит бир нарса эди, Биз уларнинг орасини очдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик»; тўртинчиси - ҳозирги замондаги баъзи тафсирчиларнинг фикрлари бўлиб, учинчи маънога яқин келади. Унга биноан: осмону Ер, юлдузлару қуёш - ҳамма-ҳаммаси бир бутун эди. Сўнгра Аллоҳнинг иродаси билан кўп айланиш ва ички портлашлар оқибатида парчаланиб, алоҳида-алоҳида бўлиб кетди:
қуёш алоҳида, Ер алоҳида, ой алоҳида, юлдузлар алоҳида ва бошқа нарсалар ҳам алоҳида бўлди. Сувдан эса барча тирик нарсалар, инсонлар, ҳайвонлар ва набототлар пайдо қилинди. Буларнинг бари инсонларнинг фикр ва назарияларидир, ояти кариманинг маъносини тушунишга уринишдир. Оятнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса оятнинг маъносини онгимиз етганича тушунишга ҳаракат қиламиз, холос. Қуръон ҳақиқий илоҳий Китоб бўлганидан ҳамда замонлар оша инсоннинг ўзгарувчи илмидан доимо устун туришидан қувонамиз. Имонимиз янада мустаҳкам бўлади. Илмий назариялар ўзгарувчан, Қуръон ўзгармасдир. Шу билан бирга, Қуръон илмий назариялар тўплами ҳам эмас, балки баъзан илмга оид маълумотларга мурожаат қилса ҳам, уларни имонга даъват йўлида ишлатади. Ана шунда ҳақиқий илм эгалари ҳидоят топадилар.

31. Ер уларни тебратмаслиги учун унда тоғларни ва йўл топиб юришлари учун унда даралар, йўлларни пайдо қилдик.
Осмонлар ва Ерни ажратиб, уларни инсонлар манфаати йўлида бўйсундириб қўйганидан кейин Аллоҳ азза ва жалла Ер одамларни тебратиб, безовта қилмаслиги учун унда мувозанат тарзида тоғларни барпо этди. Одамлар йўл топиб юришлари, тирикчиликларини хотиржам ўтказишлари учун ер юзида турли водийлар, даралар ва йўлларни ҳам барпо қилиб қўйди. Буларнинг ҳаммаси инсонларнинг манфаати ва ҳаёти учун хизмат қилади. Инсон эса Аллоҳнинг яратиб қўйган бу неъматлари ва қулайликлари учун Аллоҳни таниши, Унга имон келтириши ва Унинг амр-фармонларини бажариши зарур. Бу оятдан тоғларнинг Ердаги мувозанатни сақлаб туриш вазифасини ўташини ҳам билиб олиш мумкин. Демак, тоғлар бўлмаса, ер тебраниб, одамларга ноқулайлик туғдиради. Эҳтимол, баъзи океан ва денгизлардаги чуқурликлар ҳам тоғлар туфайли ўз мувозанатини сақлаётгандир? Буларнинг ҳаммасини Аллоҳнинг Ўзи яратган, бунда Унга ҳеч ким шериклик қилмаган, ёрдамга келмаган. Буларнинг бари Аллоҳнинг ягона ва қудратли, яратувчи Зот эканига исбот талаб қилмайдиган далиллардир.

32. Осмонни ҳимояловчи шифт қилиб қўйдик. Улар эса бунинг аломатларидан юз ўгиришгандир.
Ердан туриб қараган одамга осмон ташқарисидан гўёки бир шифт каби кўринади. Шифт бўлганда ҳам Ерни осмон жисмларидан ҳимоялаб турадиган том кабидир. Ердан осмонга отилган ва кўтарилган ҳамма нарсани тўсиб қолгани каби осмон ташқаридан ерга учиб, тушиб келаётган ҳамма нарсани сўриб, ўзига сингдириб, тўсқинлик қилиб, майдалаб, парчалаб ушлаб қолади, бу билан бизни ва Еримизни фазодан келадиган қирғин қилувчи ультрабинафша нурлар ва самовий жисмлар (метеоритлар)дан ҳимоя қилади. Осмон биз учун ўзига хос ҳимояловчи фильтр, Еримизга том бўлиб хизмат қилади. Бугунги илм-фан тилида булар «Бутун олам тортилиш қонуни» дейилади. Осмонга фикр, ибрат кўзи билан қараган, бунга озгина ақлини ишлатган одам ундан Аллоҳнинг Биру Бор эканига ҳад-ҳисобсиз белги-далиллар, аломатларни топади. Фақат мушриклар буни англашмаяпти, холос. Улар Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига далолат қилувчи аломатлардан юз ўгириб, имонга келмай юришибди. Аллоҳ таоло айтади: «Осмонни Биз кудрат билан барпо килдик. Дарҳакиқат, Биз кудратлидирмиз» (Ваз-зориёт, 47).

33. У кеча ва кундузни, қуёш ва ойни яратган Зотдир. Ҳар бири фалакда сузиб юради.
Ҳар куни алмашиниб турадиган кеча ва кундузнинг, Ерга ёғду сочиб турувчи қуёш ва нури билан чароғон қилувчи ойнинг ягона яратувчиси ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Қуръони каримда олам яратилгандан буён кун ва туннинг бирдай алмашинуви ва улар бир-бирининг ортидан юриши ҳақида сўз кетади. «На куёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзувчидир. Барчалари фалакда сузиб юради» (Ёсин, 40). Бу Ернинг думалоқлиги ҳақидаги эслатмадир - олам яратилгандан буён гўёки шарнинг икки бурчидаги каби туннинг ҳам, куннинг ҳам бирга, бир вақтда келишидир. Агар Ер теп-текис бўлганида, кун ва тун бир-бирига эргашиб юра олармиди? Қиёмат куни келганида эса, ер юзига кун ҳам, тун ҳам биргаликда тушади: «Ер чирой олиб, ясан-тусан қилганида ва ернинг аҳли унинг устида кучли-кудратлимиз, деб ўйлай бошлаганида, ерга кечаси ё кундузи Бизнинг фармонимиз келиб, Биз уни гўё куни кеча обод бўлмагандек, вайронага айлантириб кўюрмиз» (Юнус, 24). Кеча билан кундузнинг алмашуви инсоннинг кўз ўнгида содир бўлади. Улар ўз-ўзидан алмашиб қолмайди, ҳатто улар инсон ҳаётига ўз таъсирини ўтказиб туради. Қуёш билан ой ҳам инсон кўзига доимо кўриниб турадиган икки улкан жисмдир. Уларнинг ҳам инсон ҳаётига таъсири катта. Буларни яратган Зот эса ягона ва ўта қудратли Аллоҳдир. Ундан ўзга ҳеч бир зот буларни ярата олмайди. Агар Унинг шериклари бўлганида иродалар тўқнашиб, орада келишмовчиликлар чиқар, самовий жисмларнинг ҳаракати ўз низомидан чиқиб, ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетар эди. Қуёш ҳам, ой ҳам, сайёралар ҳам, юлдузлар ҳам - ҳамма-ҳаммаси ўзига белгилаб қўйилган фалакда сузиб юрибди. Уларнинг фалақда сузишларини тадаббур билан ўйлаш ҳам ақли бор инсонни имонга чорлаши керак. Шунчалик улкан ва ҳисобсиз осмон жисмларининг фалакда ажиб бир низом билан сузиб юриши, бир-бирига тўқнашиб кетмаслиги ва уларнинг сузиб юришидаги бошқа ажойиботлар Аллоҳнинг Биру Бор эканига далил эмасми?! Унда нега кофирлар имон келтиришмайди?

34. (Эй Муҳаммад), сиздан олдин ҳам бирор одамзотга мангу ҳаёт бермаганмиз. Сиз ўлувчисиз-ку, улар мангу қолишармиди?
Аллоҳ таоло марҳамат этяптики, эй Пайғамбарим, сиздан олдин ўтган бирор башар зотига мангу, абадий ҳаётни бермаганмиз. Пайғамбарларимиз ҳам, ер юзини титратган подшоҳлар ҳам, машҳур олимлару ном чиқарган саркардалар ҳам барибир завол топади. Сизнинг сўзларингизни инкор қилаётган, Биз юборган ваҳийларни ёлғонга чиқараётган Макка мушриклари дунё ҳаётида абадий қолиб кетамиз, деган хомхаёлларга берилишмасин.
«Ҳар бир жон ўлим шарбатини тотувчидир» (Оли Имрон, 185). Ўлим соатларини эса ҳар ким ҳар хил кутиб олади. Ўлим кимлардир учун абадий ҳаётга, Яратганнинг жамолига элтувчи бир йўлак, мангу яшаладиган дунёга ўтишдаги бир манзил. Яна кимлардир учун эса у дунёда эришган мавқе-мартабаси, бойликлари, ширин фарзандлари, фаровон-тўкин ҳаётдан бирданига узиб қўювчи оғриқли бир азоб! Бундайлар учун ўлим даҳшатли ҳисоб-китоб ва абадий азоб-уқубатнинг бошланиш бекатидир.Улуғ донишманд Фаридиддин Аттор: «Умр битди, ажал келди, ярангга қай маҳал малҳам қўясан?» деган экан. Дунёга келдикми, бир кун ундан кетишимиз бор. Фоний дунёдан абадий охиратга кўчишимиз нақд. Оқибатнинг хайрли, савол-жавобнинг осон бўлиши дунёдаги солиҳ амалларимизга, Аллоҳга бандалик қилишимизга боғлиқ. Мусулмонлик даъвосида юраверсагу аммо Исломнинг талабларига бўйсунмасак, ҳаётимизни Ислом асосига қура олмасак, ҳамма нарса ҳабата, барча ишларимиз бефойда, абас! Азиз умрни, тансиқ йилларни ёниб-кул бўлган қоғоз парчаси каби ҳа-вога совурган бўламиз, холос!

35. Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз.
Ер юзидаги қимирлаган жон борки, туғилибдими, бир куни албатта ўлимни тотиб кўради. Ато қилинган умрини яшагач, ҳар бир инсон ушбу синов дунёсини ташлаб, боқий ҳаётга кўчади. Бу дунёда ўлмайдиган жон йўқ. Шоҳу гадо ҳам, бою камбағал ҳам, соғу бемор ҳам, каттаю кичик ҳам, пайғамбар у уммат ҳам ажали етгач, албатта вафот этади. Инсонга берилган ҳаёт Аллоҳнинг бир синовидир. Шунинг учун ҳар бир инсон дунёга вақтинча келганини, ҳар қадамда Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтишини, бир куни ўлим билан юзма-юз бўлишини, Парвардигорининг ҳузурига қайтиб, албатта ҳисоб-китоб қилинишини фикрлаб, эслаб юриши керак. Агар ўлимни унутса, охират ҳаёти ҳақида бепарволик қилса, бунинг оқибати аянчли бўлади, Парвардигорнинг синовидан шараф билан ўтолмайди.
Банда мўминликни даъво қиладими, Аллоҳ таолонинг синовларига ҳамиша шай туриши керак. Чунки мўминликнинг йўли машаққатли, унинг юки оғир. Аллоҳ таоло мўмин кишини ҳар қадамда, ҳар ишда, ҳар сонияда имтиҳон қилади. Мушкулотларга солади, қийноқ-азобларга рўпара қилади. Минглаб тўсиқ-қийинчиликлар билан ўраб-чирмаб ташлайди. Бир лаҳзада яқинларидан айириб қўяди. Баъзан бирор хасталик билан синайди ёки аранг қўлга киритган мол-дунёсидан маҳрум қилади. Ёхуд кўзлаган ишларига, орзуларига етказмайди. Аммо ҳақиқий мўмин бу имтиҳонларга сабр билан жавоб қайтаради. Изтироб чекмайди, хафаликдан кўкрагини захга бериб ётмайди. Аллоҳнинг имтиҳонидан бардош ва шукр билан ўтади. Аллоҳ мўминни фақат булар билангина синовга солмайди. Улар дунё ҳаётида ҳамиша азоб-мушкулотлар тўлқинида сузишга мажбурдирлар. Маккада канча қийноқ, камситиш, тазйиқларни бошдан кечирган илк мусулмонларга осон бўлган дейсизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинага ҳижрат қилган, уй-жой, мол-мулки, қариндош ва яқинларини ташлаб, бегона шаҳарга кўчган муҳожирларга осон бўлган дейсизми? Кейинги асрларда золим ва мустабид босқинчилар қўл остида ҳам дину диёнатларини асраб қола олган мўминларга осон бўлган дейсизми? Аллоҳ таолонинг мўминларни синовдан ўтказиши булар билангина чекланмайди. Аллоҳ уларга бир неча хил ибодатни, Ўзига итоатни буюриб қўйган. Роҳат-фароғатдан воз кечибгина Унинг розилигига эришасиз. Тонг саҳарда ширин уйқуни тарк этиб, оромингизни бузиб намозга турасиз. Совуқда дилдираб таҳорат оласиз. Анча йўл босиб, қоронғида туртиниб-суртиниб масжидга борасиз. Рўза тутиш ҳам бундан осонмас! Атрофингизда қанчалаб одам ошхоналарни тўлдириб, анвойи таомларни еб юрганида сиз вужудингизни емоқ-ичмоқдан, лаззатлардан қайтарасиз, тиясиз. Дилингизни, тилингизни, танингизни фақат эзгуликка буюрасиз. Ёки ҳажни олиб кўринг: ҳам пулингиз кетади, ҳам танангиз қийналади, ҳам Арабистоннинг чидаб бўлмас иссиғига, ҳаж машаққатларига бардош беришингиз керак. Закот беришни ҳам осон деб ўйлайсизми? Меҳнат билан ишлаб топган молидан бир улушини дилдан чиқариб, ўз ихтиёри билан муҳтожларга, фақир-мискинларга ялиниб элтиб бериш ҳаммага ҳам ёқавермайди.
Аммо мўмин киши Аллоҳнинг буюрганига сўзсиз итоат қилади. Унинг буйруқларини бажаради. Чунки у дунё ҳаёти лаззат, зийнат ва фароғат билан, охират дунёси эса машаққат, қийинчиликлар билан ўраб қўйилганини яхши билади. Мўминлик осон эмас. Инсон фитрати, табиати ҳамиша роҳат, фароғат, ором истайди. Нафси минг кўйга солади. Ана шуни енга олган чинакам мўминдир. Роҳатидан кечиб, нафсини қон қақшатиб қийнаган, меҳнат, машаққат, ибодатларга чидаган кишигина мумтоз қул бўлади. Аллоҳ Ўз ҳикматига кўра куфрни, имонсизликни осон, мўминликни қийин қилиб қўйган. Шунинг учун дунёда кофир, осий кўп, мўмин ва солиҳ инсон оз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мўминнинг иши ажиб, унинг ҳамма ишида яхшилик бор. Бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда йўқдир. Агар унга яхшилик етса, шукр қилади. Бу унинг учун ях-шилик бўлади. Агар унга ёмонлик етса, сабр қилади. Бу ҳам унга яхшилик бўлади» (Муслим ривояти).

36. (Эй Муҳаммад), куфр келтирганлар сизни кўришганида: «Илоҳларингизни айблайдиган шуми?!» деб сизни масхара қилишади. Ҳолбуки, уларнинг ўзлари Раҳмоннинг зикрига куфр келтиришган.
Макканинг мушрик ва кофирлари қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолишса, бир-бирларига “Сизларни ота-боболарингизнинг динидан қайтариб, илоҳларингизни айблаб юрадиган одам шуми?” деб у зотни масхара ва калака қилишарди. Аллоҳ азза ва жалла Ўз Пайғамбарига баён қилиб беряптики, улар сизнинг тавҳидга чақирганингиз, ваҳийларимизни етказганингиз учунгина масхара қилишаётир. Уларнинг бу қилиқларидан ҳайрон бўлманг, тушкунликка тушманг, уларнинг ўзлари Раҳмоннинг зикрига, яъни Биз нозил қилган Қуръони каримга куфр келтириб, уни инкор қилишади. Бу нарса уларнинг диллари тош қотиб кетганини, кўзлари ҳақиқатни кўра олмаслигини, ўзлари эса ширк ва куфр чангалидан халос бўла олмаслигини исботлаб турибди. Улар бу қилмишлари билан ўзларини ҳалок қилишади, Биз ваъда қилган аламли азобга гирифтор бўлишади.

37. Инсон шошқалоқ қилиб яратилган. Сизларга оят-аломатларимни албатта кўрсатаман. Мени шошилтирманглар.
Яъни, Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, Мен Ўзимнинг Биру Борлигимга, юборган пайғамбарларимнинг ҳақлигига далолат қилувчи оят-аломатларимни вақти келганда сизларга албатта кўрсатаман. Шунгача Мени шошилтирмай туринглар.
Инсон табиатан шошқалоқ қилиб яратилган. У бирор нарсани кутаётган бўлса, сабрсизлик кўрсатиб, шошади. Шунинг учун Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда инсонлар шошқалоқликдан қайтарилган. Аллоҳ таоло Исро сурасида: «Инсон шошқалок, бўлган», деган (11-оят); Тоҳа сурасида эса: «Сизга ваҳийи битгунча Куръон(тиловати)га ошикманг», дейилган (114-оят). Бир ишга уни яхшилаб ўрганиш ва билишдан кейингина киришиш лозим. Яхшилаб ўрганиш эса, фикрлашга ва муҳлатга муҳтождир. Бу нарса шошқалоқлик билан бўлмайди. Шошқалоқлик инсонни пала-партиш иш қилишга мажбур қилади. Зуҳрийнинг Балий қабиласилик бир кишидан қилган ривоятида айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отам билан бордим. У зот менга эшиттирмай отамга бир нарсалар дедилар. Шунда отамга: «Сизга нима дедилар?» дедим. «Қачон бир ишни қилмоқчи бўлсанг, шошилма. Токи Аллоҳ таоло сенга ундан қандай чиқишнинг йўлини кўрсатмагунча ёки токи Аллоҳ сенга чиқишни раво кўрмагунча (дедилар)», деди” (Бухорий “Адабул-муфрад”да ривоят қилган). Бошига бир иш тушган киши шошилмаслиги, чуқур ўйлаб, пухта тадбир қилиши керак. Шунда Аллоҳ таоло унга Ўзи йўл кўрсатиб, ишини осонлаштириши мумкин. Ҳадисларда «Шошқалоқлик шайтондандир», дейилган. Халқимизда бу ҳикмат «Етти ўлчаб, бир кес» деган мақолга айланиб кетган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошмаслик Аллоҳдандир ва шошқалоқлик шайтондандир», деганлар» (Байҳақий ривояти).

38. Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон?» дейишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка мушрикларини огоҳлантириш учун Аллоҳ таолонинг қиёмат ҳақидаги ваъдаси ҳаққу рост эканини айтганларида улар Аллоҳнинг Пайғамбарини масхара қилган ҳолда “Агар гапларинг рост бўлса, ўша сен айтаётган ваъда қачон келади?” деб савол беришар эди.

39. Куфр келтирганлар олдиларидан ва орқаларидан ўт-оловни тўса олмай қоладиган, ўзларига ёрдам берилмайдиган вақтни билсалар эди!
Агар ўша мушрикларнинг қалбида заррача имони бўлганида «Аллоҳнинг бизларни азоблаш ҳақидаги ваъдаси қачон рўёбга чиқади?» деган бемаъни саволларни беришмас эди. Улар шошилмасинлар, ваъда қилинган илоҳий азоб албатта келади. Мушрикларнинг дўзах олови билан азобланишлари муқаррар! Ўшанда улар юзлари томондан ловуллаб турган ва орқа томонларидан куйдираётган оловни қайтаришга имкон ҳам топа олмай қолишади. Уларга ёрдам берадиган, азобларини енгиллатадиган бирор зот бўлмайди, ҳеч бир нарса жонларига оро кирмайди ҳам. Ана шу муқаррар жазонинг ҳақлигини билатуриб ҳам уларнинг Аллоҳ элчисини масхара қилишлари, у зотнинг огоҳлантиришларини писанд қилмасликлари мушрикларнинг икки дунё саодатидан маҳрум қолишларини кўрсатиб турибди.

40. Йўқ, бу уларга тўсатдан келиб, ҳайрату даҳшатга солиб қўяди. Энди уни қайтаришга куч-қувватлари етмайди, уларга муҳлат ҳам берилмайди.
Куфр келтирганлар Аллоҳнинг қиёмат қойим бўлиши борасидаги огоҳлантиришларига ишонмаганлари учун қиёматнинг келишини ҳам, ўшал куни ўзларининг Аллоҳнинг қаттиқ азобига учрашларини ҳам инкор қилишади. Йўқ, уларнинг «Қиёматда Аллоҳнинг азоби бўлмайди» деган фикрлари мутлақо нотўғри. Гўё қиёмат ҳали-бери келмайдиганга ўхшаб турадида, кутилмаганда, тўсатдан келиб қолади. “Қачон келар экан” деб, қиёматнинг ҳақлигига ишонмай юрган кофирларни унинг тўсатдан келиши ҳайрату даҳшатга солади. Ана шунда улар қиёматни тўхтатишга ёки бироз кечиктиришга куч-кувватлари ҳам, тоқатлари ҳам етмайди. Уларга ўзларини ўнглаб олишларига ҳеч бир муҳлат ёки имкон берилмайди. Энди уларнинг ҳолига боқинг: на қиёматни рад қила оладилар ва на Аллоҳдан ўзга ёрдамчи бўлмайдиган кунда кимдан кўмак сўраб ёлборишни биладилар. Аллоҳ таоло шундай огоҳлантиради: “Эй инсонлар, Парвардигорингиздан кўрқинглар ва яна шундай бир кундан кўрқингларки, бирор ота ўз боласи томонидан (гуноҳни) ўта олмайди ва бола ҳам отаси томонидан бирор нарсани ўта олувчи бўлмайди. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти алдаб кўймасин ва сизларни алдамчи (шайтон) Аллоҳ (кечаверади деган алдов) билан алдаб кўймасин!” (Луқмон, 33).

41. (Эй Муҳаммад), аниқки, сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам масхара қилинганлар. Уларни масхара қилганларни ўзлари масхара қилиб юрган нарсалари ўраб олгандир.
Макканинг мушрик аслзодалари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг даъватларига қулоқ солиш ўрнига у зотни масхаралар, устларидан кулиш учун “Эй Муҳаммад, сен ваъда қилаётган Аллоҳнинг азоби бошимизга қачон келади, кутавериб жуда интизор бўлиб кетдик-ку!” деб эрмаклашар эди. Аллоҳ азза ва жалла Ўз Пайғамбарига тасалли бериб айтяптики, эй Пайғамбарим, мушрикларнинг устингиздан кулиб, сизни масхара қилаётганларига хафа бўлманг, тушкунликка тушманг. Бу мушрикларнинг олдиндан буён қилиб келаётган ишларидир. Сиздан олдинги пайғамбарларимни ҳам кофирлар «Азоб ҳақидаги ваъда қачон бўлади?» деб масхара қилишган, уларни калака қилишган. Ваъдамиз ҳақдир: пайғамбарларни масхаралаган кофирларга албатта азоб тушади. Улар бу дунёнинг ўзидаёқ қаттиқ азобга дучор бўлдилар. Агар сизни мазаҳ қилаётганлар ҳам вақт ғаниматида эсларини йиғиб, тавба қилишга шошилмасалар, аввал бу дунёда, кейин охиратда албатта азобимизга учрайдилар. Чунки уларни Менинг азобимдан сақлайдиган ҳеч бир куч йўқдир.

42. «Кечаси ва кундузи сизларни Раҳмондан ким сақлай олади?» денг. Йўқ, улар Парвардигорларининг зикридан юз ўгирувчилардир!
Яъни, «Эй Муҳаммад, азоб қачон келади?» деб масхара қилаётган ўша кофирларга айтингки, Аллоҳнинг азоби вақт ёки муҳлат танламайди. Унинг кечаси ёки кундузи келишининг сизларга нима аҳамияти бор? У келганида сизларни қутқаришга қодир бирор зот бормидики, уни тезлаштиришга уриняпсизлар? Кофирлар «Ваъда қилинган азоб қачон бўлади?» деб ўзлари шошилишади, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам шошилтиришади. Аммо азоб келиб қолса, нима бўлишини ўйлаб кўришмайди. Ҳолбуки, Аллоҳнинг азоби хоҳлаган сонияда, кеча ёки кундузнинг истаган бир лаҳзасида келиши мумкин. Хўш, кофирлар сўраётган азоб келиб қолса, уларни Аллоҳнинг азобидан ким сақлаб қолади? Улар мана шу савол ҳақида ўйлаб кўришмайдими? Бу ҳақда ўйлаш у ёқда турсин, фикрларига келган бемаъни хаёлларни, бекорчи гапларни сўзлайверадилар.

43. Ёки уларнинг Биздан ўзга ҳимоя қиладиган «илоҳ»лари борми? Улар ўзларига ҳам ёрдам қила олмайдилар ва Биздан марҳамат ҳам кўрмайдилар.
Яъни, куфр келтирганларнинг бирор асослари бормидики, Аллоҳнинг Пайғамбаридан «Азоб қачон келишини сўра» деб талаб қилишаверади. Ўзларини Аллоҳнинг жазосидан қутқариб қола оладиган “илоҳ”лари бормидики, азобнинг келишидан шунчалик хотиржам юришади. Улар кўп ҳам шошишмасин, Аллоҳнинг ҳак ваъдаси албатта рўёбга чиққанида ҳоллари шунақанги ночор ва абгор бўладики, илоҳий азобдан қочгани жой топа олмай қолишади. Ҳимоя қилишидан умидвор бўлган ўша “илоҳ”лари уларга ёрдам бериш у ёқда турсин, ўзларини ҳам ҳимоя қила олмай қолишади. Ҳақиқат шу экан, нега ўша кимсалар Аллоҳга юкуниш, Унинг ҳимоясига кириш учун ҳаракат қилишмайди? Нега Аллоҳнинг амр-кўрсатмаларига итоат қилиш ўрнига Унга қандайдир ожиз ва нотавон “илоҳ”ларни шерик қилишади? Катта гулханнинг куйдиришини кўриб-англаб турган киши унга яқинлашмасликка ҳаракат қилгани каби улар ҳам нега ўз жонларини дўзах оловидан асраб қолиш учун имонга келишмайди? Ўз куфрига кўмилиб, ширк ботқоғига ботиб юрган бундай гумроҳлар шу ҳақда озгина фикр юритишганида, атрофларидаги беҳисоб мўъжизалардан ибратланишганида ботилни тарк этиб, ҳақ сари юзланган бўлишар эди. Аммо улар бу ҳақда мутлақо ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ваҳоланки, ақлларини сал ишлатишса, дунё ва охират ҳақиқатларига теранроқ назар ташлашса, буни англашлари мумкин эди. Қачон ва қаерда сохта “илоҳ”лари уларга ҳомий бўлибдики, бирор ёрдам қилиб, яхшилик етказибди-ки, уларга сиғиниб, паноҳ тилаб юришибди.

44. Йўқ, Биз ўшаларни ва ота-боболарини баҳраманд қилдикки, ҳатто уларга умр узун кўринди. Улар Ерни атрофидан қисқартираётганимизни кўрмайдиларми?! Ёки улар ғолибмикинлар?
Ер юзидаги қимирлаган жон борки, унинг кундалик ризқи Аллоҳ таолонинг зиммасидадир. Бошқа бирор зот ер юзини макон тутган беҳисоб махлуқотга ҳар куни ризқ бера олмайди, бунга қодир ҳам эмас, имкони ҳам бўлмайди. Куфр келтирганларни ҳам, уларнинг ота-боболарини ҳам бу дунёнинг ноз-неъматлари билан баҳраманд қилган зот уларнинг сохта “илоҳ”лари эмас, Ўзининг Раззоқ (ризқ берувчи) сифатига муносиб Аллоҳ таолодир. Аллоҳ таолонинг яратиш ва ризқлантириш ҳикматини қарангки, бандаларини ризқ билан таъминлашда уларнинг яшаш жойи, ирқи, миллати, эътиқодига қарамай, ҳаммага бирдай ризқ улашаверади. Ҳолбуки, У имонли бандаларига дунё неъматларини мўл-кўл бериб, кофир ва мушрик-ларга ҳеч нарса бермай қўйиши ҳам мумкин эди. Аллоҳ таолонинг Ўзи билган ҳикматига кўра, ҳаммага баравар ризқу рўз беради, синов учун ҳатто имонсизларга кўпроқ ҳам бериши мумкин. Аллоҳ таоло уларни дунё неъматлари билан шунчалик баҳраманд этса ҳам куфрлари сабабли, бу яхшиликлар синов эканини тушунмадилар, босар-тусарларини билмай, ҳовлиқиб кетдилар. Ўзларича, бу дунё ҳаётини абадий деб ўйлашди, шу боис охиратга тайёргарлик ҳам кўришмади. Узоқ вақт давом этган баҳрамандлик уларнинг табиатини ифлослантириб бораверди. Айшу ишрат, маишатпарастлик уларнинг қалбларини ҳеч нарсани ҳис этмайдиган, ҳеч нарсадан таъсирланмайдиган қилиб қўйди. Оқибатда улар Аллоҳни эсдан чиқардилар, Унинг амру фармонларига итоатсизлик кўрсатдилар ва икки дунё саодатини бой бердилар.
Муфассирлар ояти каримадаги “Улар Ерни атрофидан қисқартираётганимизни кўрмайдиларми?!” деган жумланинг маъноси ҳақида бир неча хил фикр билдиришган. Олдинги муфассирлар «Ерни атрофидан қисқартирилиши - куфр ерлари қисқариб, Ислом ерлари кенгайиб боришидир», дейишган. Мужоҳид ва Икрима розияллоҳу анҳумолар эса: «Ернинг атрофидан қисқариши - хароб бўлишидир», дейишган. Авфийнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятида эса «Ер баракасининг қисқариши», дейилган. Шаъбий: «Агар Ер қисқарадиган бўлса, унга сиғмай қолар эдинг, лекин жонлар ва мева-чева, ҳосиллар қисқаради», деган. Икрима розияллоҳу анҳу ҳам: «Агар ер қисқарганида, ўтиргани жой топа олмай қолар эдинг, қисқариш ўлимдир», деб айтган. Кейинги давр тафсирчилари эса: «Роҳат-фароғатда яшаган, Ернинг турли атрофларида ғолиб бўлиб, ўзининг сўзини ўтказиб турган давлатлар ва халқлар неъматлардан ҳовлиқиб кетиб, ҳадларидан ошганларида нуқсонга дучор қилинишлари, қисқартирилишларидир», дейишади. Ушбу фикрларнинг ҳаммаси бир-бирини тўлдириб келади. Ҳар бир тафсирчи олим ўз замонасидаги воқеъликдан, ўз тушунчасидан келиб чиқиб оятга ушбу маъноларни берган. Аллоҳ Ерни атрофидан тинмай қисқартириб, кофир ва золимларни нуқсонга учратиб тургач, унда ким ғолиб бўлди? Кофирларми? Куфр келтирганларга қилинаётган бу огоҳлантиришларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўйлаб топган эмаслар. Бу ҳақиқатни кофирларга етказиб қўйишни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло навбатдаги ояти каримада амр этмоқда:

45. (Эй Муҳаммад), «Сизларни фақат ваҳий билан огоҳлантираман, лекин карлар огоҳлантирилаётган вақтларида даъватни эшитмайдилар», денг.
Мушриклар Аллоҳ таолонинг пайғамбарларини “ўзлари ўйлаб топган гаплар билан даъват қилишади” деб ўйлашади. Маккаликлар ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг чақириқлари ҳақида шундай хаёлларга бориб, у айтаётган гаплар Аллоҳнинг сўзлари эмас, балки ўзи тўқиб чиқарган таълимотлар, деб ўйлашар эди. Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла у зотга хитоб қилиб айтяптики, «Эй Пайғамбарим, куфр ва ширкка берилганлар ўзларича ҳар хил хаёлларга бориб юришмасин. Уларга огоҳлантиришларингизнинг асл манбаини билдириб қўйинг, даъват сўзларингиз, огоҳланти-ришларингиз оламлар Парвардигорига тегишли эканини билиб қўйишсин. Сиз илоҳий ваҳийлар воситасида уларни ҳидоятга чақираётганингиз билан улар эшитишмайди. Қулоғи кар, ўзи гунг кимсалар ҳақиқатни эшитишармиди, огоҳлантиришларга қулоқ солишармиди? Аммо улар яқинда ана шу “кар”ликларининг, ваҳийларимизни инкор қилишларининг азобини тотиб қолишади. Ўшанда дунё ҳаётидаги бу жоҳилликларининг нақадар қимматга тушганини англаб етишади.

46. Қасамки, агар уларга Парвардигорингизнинг азобидан озгина етса, албатта: «Ҳолимизга вой! Ҳақиқатдан бизлар золим эканмиз», дейишади.
Куфр ва ширк эгалари ҳозирча Пайғамбарни мазаҳ қилиб, у зот келтирган ваҳийларни инкор қилиб туришар экан, тез кунда қилмишлари учун Аллоҳнинг қаттиқ азобига дучор бўлишларини ўйлаб кўришмайдими?! Ахир қиёматда бутун қилмишлари фош бўлиб, жазоланишлари аниқ бўлиб қолганида, илоҳий азобнинг оғриқларидан озгина татиб кўришганида “Ҳолимизга вой бўлсин, ҳақиқатдан ҳам биз Пайғамбарнинг сўзларига ишонмай, у зотга итоатсизлик кўрсатиб, ўз жонимизга зулм қилган, яъни золимлардан бўлган эканмиз”, деб ҳасрат-надоматда қолишади. Аммо энди кеч, хатоларини тузатишнинг, қилмишларига тавба қилишнинг вақти ўтган бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Албатта, банда қабрига қўйилиб, соҳиблари қайтиб кетишар экан, у уларнинг шиппаклари товушини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтирғизиб: «Бу одам ҳақида - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида - нима дер эдинг?» дейишади. Мўмин бўлса, «Гувоҳлик бераманки, у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир», дейди. Унга: «Дўзахдаги ўрнингга қара, дарҳақиқат, Аллоҳ сенга унинг бадалига жаннатдан бир ўрин берди», дейилади. У иккаласини ҳам кўради. Аммо кофир ёки мунофиқ бўлса, унга: «Бу одам ҳақида нима дер эдинг?» дейилади. У: «Билмайман, одамлар айтганини айтар эдим», дейди. Шунда унга: «Билмадинг ҳам, эргашмадинг ҳам», дейилади ва темир гурзи билан бир урилади. У шундай қичқирадики, инсу жиндан бошқа ён-атрофидаги ҳамма эшитади» (Бухорий ривояти).

47. Қиёмат куни учун адолатли тарозиларни қўямиз. Бирор жонга заррача ҳам зулм қилинмайди. Агар ҳардал донаси оғирлигича бўлса ҳам, ўшани келтирамиз. Ҳисоб-китобга Ўзимиз кифоя қилурмиз.
Қиёмат куни маҳшаргоҳда бандаларнинг яхши ва ёмон амаллари мезонда - тарозида тортилишининг ҳақлигига ишониш Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг бир қисмидир. Маҳшаргоҳда бандаларнинг амаллари ўлчанадиган тарози адолат ва инсофнинг ҳақиқий тарозисидир. Бандаларнинг амалларини ўлчаш ҳисобдан сўнг бўлади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат куни мени шафоат қилишларини сўрадим. Шунда у зот: ”Мен буни қиламан", дедилар. ”Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни қаердан излай?“ дедим. "Излашни бошлашинг билан мени сиротдан изла“, дедилар.”Сизни сирот устидан топмасам-чи?“ деб сўрадим. ”Мени тарози олдида изла“, дедилар. ”Сизни тарози олдида ҳам топмасам-чи?“ деб сўрадим. ”Унда мени ҳовуз (Кавсар) олдида изла“, дедилар» (Бухорий ривояти).
Қиёмат қоим бўлганидан кейин дунё ҳаётида Аллоҳнинг амрларини писанд қилмаган ёки У Зотга сохта илоҳларни шерик қилган кимсаларнинг ҳолати ниҳоятда аянчли бўлади. Уларнинг дод-войлари, эътирофлари, тавба-тазаррулари ва ёлворишларига ҳеч ким эътибор ҳам бермайди, ёрдамга ҳам келмайди. Қиёмат кунининг мутлоқ адолатга асосланган ўз тарозиси бўлади. Унда бандаларнинг амалларини тортишда ҳеч кимга зулм қилинмайди, бировнинг амали бошқасиникига ўтиб қолмайди, фақат ҳақлар масаласида бир кишининг савобидан ҳақдорга олиб берилиши мумкин. Мезонда банданинг фойдасидан асло камайтирилмайди, зарарига бирор нарса қўшиб қўйилмайди, ҳаммаси адолат билан ўлчанади. Банданинг савоб-гуноҳларини ўлчашда унинг ҳардал донаси оғирлигидаги амали ҳам ҳисобга олинади. Араб тилидаги “ҳардал” (русчада “горчица”)нинг уруғи ниҳоятла майда бўлиб, араблар ўта кичик нарсани таърифлашда шу сўзни ишлатадилар. Инсоннинг бу дунёда қилган яхшию ёмон амали ўша кичик ҳардал уруғичалик оғирликка эга бўлса ҳам ҳисобланади, ҳеч бир амали эсдан чиқарилмайди. Қиёматда ҳисоб-китоб қилишга Аллоҳ таолонинг Ўзи кифоя қилади, бу ишда Унга бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Шундай бўлгач, бандалар дунё ҳаётида тарозиларининг савоблар палласи тош босиши учун эзгу, солиҳ амалларни кўпайтиришлари, охиратга тайёргарлик кўриб, мезон олдида талвасага тушиб қолмаслик чораларини кўришлари лозим.

48. Дарҳақиқат, Мусо ва Ҳорунга Фурқонни, зиёни, тақводорлар учун эслатмани ато қилдик.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримасида Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломга Тавротни нозил қилганини баён этяпти. «Фурқон» ана шу пайғамбарларга Аллоҳ таоло томонидан берилган илоҳий китоб бўлмиш Тавротнинг сифатидир. «Фурқон» сўзи «фарқловчи» - «ажратувчи» деган маънони англатади. Таврот ҳам ҳақ билан ботилнинг орасини ажратгани учун шундай номланган. Яъни, Таврот ҳақ ва ботилни, ҳидоят ва залолатни, ҳалол ва ҳаромни ажратиб беради, жаҳолат ва ғафлат зулматидан имон ёруғлигига чиқаради, тақво аҳлига ваъз-насиҳатлар қилади. Таврот ҳам Аллоҳнинг ҳидоят китоби бўлгани учун унинг асл нусхасида аввало Бани Исроил Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига имон келтиришга чақирилган, яхудийларни одоб-ахлоққа, инсоний фазилатларни касб этишга, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига итоат ва Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилишга чақирилган. Қуръоннинг кўплаб оятларида мусулмонларга буюрилган ибодатлар Тавротда ҳам яҳудийларга амр қилингани ҳақида зикр қилинган. Фурқон сифатига эга бўлган Таврот пайғамбарлар Мусо ва Ҳорунга илоҳий рисолатни етказишда зиё хизматини ўтаган бўлса, тақводорларга, яъни Аллоҳдан қўрқувчиларга эса эслатма саналади.

49. Улар Парвардигорларидан ғойибона қўрқишади, қиёматдан ҳам улар хавфда туришади.
Юқоридаги ояти каримада зикрлари келган ўша тақводорлар Аллоҳ таолони кўрмасалар ҳам Ундан ғойибона қўрқадилар. Улар қиёматдан ҳам қўрқувга тушиб, бутун таналари титроққа киради. Шунинг учун бу тақводорлар Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилишга уринадилар. Шу боис, улар ҳамиша қиёмат тайёргарлиги билан машғул бўладилар. Инсон чиройли кийиниши, яхши масканларга, кўркам уловларга эга бўлиши мумкин, аммо буларнинг Аллоҳ ҳузурида асло аҳамияти йўқ. Банданинг Аллоҳ ҳузуридаги энг эътиборлиси унинг тақводорлиги билан ўлчанади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Эй Одам болалари, авратларингизни яширадиган либос ва зийнатларни туширдик. Тақво либоси ҳаммасидан яхшидир. Бу нарсалар эсда тутишларингиз учун Аллоҳнинг ҳужжатларидир» (Аъроф, 26). Бу борада Мавлоно Абдулқодир Деҳлавий айтганки, Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳаввонинг жаннатда бўшаниш, шаҳват ва либосга эҳтиёж каби ҳожатлари бўлмаган. Тақиқланган дарахтдан ейишганидан кейин уларга жазо берилди, яъни авратлари бир-бирларига кўриниб қолди, гўё яшириш лозим бўлган жойларидаги пардалар шу дарахт меваси туфайли очилиб, фош бўлди. Шунда Парвардигорлари уларга нидо қилиб айтди: «Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва шайтон сизларга душман демаганмидим!». Шундан англашиладики, ким Аллоҳ амрларидан чекиниб, қайтариқларини инкор этиб, шайтон ва нафс алдовига учса, кийимсиз, шир яланғоч одам ҳолатига тушади. Бундайлар ҳеч нарсадан уялмайдиган, орланмайдиган бўлиб қолади. Уят, инсоф, ор йўқолса, одам инсонликдан чиқади, илоҳий раҳмат ва мағфиратдан бенасиб қолади, унинг бошқа онгсиз махлуқлардан фарқи бўлмайди.

50. Бу Биз нозил қилган муборак эслатмадир, сизлар ҳали уни инкор қиляпсизларми?!
Инсоният тарихини кузатсангиз, Аллоҳ таоло инсонларга Ўз пайғамбарлари орқали Китобларини юбориб, улар воситасида ҳақ динини жорий этишни ирода қилганини кўрасиз. Олдин Довуд алайҳис-саломга Забурни, яҳудийлар ва насронийларга Таврот ва Инжилни нозил қилган Парвардигор охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алай-ҳиссаломга Ўзининг охирги Китоби бўлмиш Қуръони каримни нозил қилди. Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга «Руҳул амин», «Руҳул-қудс» номларига мушарраф бўлган фаришта Жаброил алайҳиссалом воситаси билан нозил қилинган. Жаброил алайҳиссалом Қуръони карим оятларини Аллоҳ таолодан қандай эшитган бўлса, шундайича - бирор жойини, бирор ҳарфини ўзгартирмай, бирор калима қўшмай ёки қисқартирмай, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга омонат етказган. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло айтяптики, эй оятларимизга куфр келтирганлар, Мусо ва Ҳорунга Тавротни нозил қилганимиздек, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматларига ҳам Қуръони каримни нозил қилдик. Олдинги икки пайғамбаримиз эргашувчиларига Таврот эслатма бўлган, Қуръони карим эса бутун инсониятга бир эслатмадир, огоҳлантирувчидир, ҳаётларида қўлланмадир. Шу ҳақиқатни билиб туриб ҳам нега Қуръонни инкор қиляпсизлар? Нима учун Тавротни инкор қилмайсизлару охирги Китобимиз Қуръони каримни тан олгиларинг келмайди? Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Токи уларга Қуръоннинг ҳак, экани аник, маълум бўлгунича Биз уларга атрофдаги ва ўз вужудларидаги аломатларимизни албатта кўрсатамиз. Ахир Парвардигорингизнинг ҳамма нарсага гувоҳ экани кифоя эмасми?” (Фуссилат, 53).

51. Дарҳақиқат, илгари Иброҳимга ҳақ йўлни ато этдик. Биз уни билган эдик.
Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, Биз Иброҳимни ҳақ йўлга йўллаб, Аллоҳ қайтарган гуноҳларни содир этишдан узоқда қилганмиз. Бу ерда “илгари” дейишдан мурод, Иброҳим пайғамбар бўлишидан илгари ёки Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломдан олдин деган маъно тушунилади. Аллоҳ таолонинг “Биз уни билган эдик” деган сўзидан У Зотнинг илми чексизлиги ва ҳамма нарсани энг дақиқ ўринларигача билиши англашилади. Яъни, Биз Иброҳимнинг ҳолати ва аҳволидан хабардор эдик, зеро, бирор иш ёки нарса Биздан махфий қолмайди. Шундан кейин Иброҳим алайҳиссалом ва унинг мушрик қавми ўртасида содир бўлган тортишув-мужодала ҳақида сўз боради.

52. Ўшанда у отаси ва қавмига: «Манави сизлар сиғинаётган бу ҳайкаллар нимадир?» деган эди;
Иброҳим алайҳиссалом мушриклар Аллоҳнинг ўрнига, У Зотга шерик қилиб сиғинаётган бут-санамларни инкор қилгани учун ҳам отаси ва қавмидан “Манави сизлар сиғинаётган ҳайкаллар нима ўзи?” деб сўраяпти. Бу савол жоҳил қавмнинг бутлари илоҳ қилишга арзимаслиги, аслида ботил нарсалар эканини яна бир бор эсга солиш учун айтилган эди. Иброҳим алайҳиссалом бутларнинг ёғоч ёки шунга ўхшаш нарсалардан ясалишини, улардан ҳеч қандай фойда-зарари йўқлигини жуда яхши билар эди. Бу билан у жаҳолатда юрган қавмни ўзлари ясаб олган бут-ҳайкалларга сиғинишининг фасод бир иш эканидан огоҳлантиришни ният қилган эди. Аммо мушрик қавм пайғамбарнинг чорловига муносиб жавоб бериш ўрнига ҳеч бир асоси бўлмаган баҳонани рўкач қилди.

53. улар: «Ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда кўрганмиз», дейишди.
Тарихда ҳамиша бўлганидек, Аллоҳнинг янги шариати нозил бўлаётганини англаб етмаган мушриклар ота-боболари эътиқод қўйган ботил нарсалардан кўнгил узолмай, уларнинг йўлини тарк этолмай юришган. Бу гал ҳам шундай бўлди. Иброҳим алайҳиссалом олиб келган таълимотни қандай инкор қилишни билолмай қолган мушрик қавм, ҳатто пайғамбарнинг отаси Озар ҳам “Ота-боболаримизни ана шу ҳайкалларга сиғиниб келишганини кўрганмиз" деган жавобдан бошқасини айта олишмади. Бу ақлли одамнинг жавоби эмас эди, балки қалб кўзларини жаҳолат пардаси ўраб-тўсиб қўйган, ота-боболарининг ботил ишига кўр-кўрона тақлид қилаётганларнинг гапи эди. Аслида у кишининг отаси ҳам, қавмлари ҳам юқоридаги саволга тўғри жавоб бера ҳам олмас эди. Чунки нима учун ҳайкалларга сиғинишаётганини уларнинг ўзи ҳам тушунмас эди. Иброҳим алайҳиссалом эса Аллоҳнинг рушду ҳидояти туфайли бу ишнинг - ҳайкалга топинишнинг очиқ-ойдин залолат эканини яхши билар эди. Шунинг учун ҳам мушриклардан ушбу жавобни эшитгач, уларга шундай хитоб қилди:

54. У: «Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ адашувда экансизлар», деди.
Иброҳим алайҳиссалом айтяптики, сизлар ҳам, сизлар тақлид қилаётган ота-боболаринглар ҳам очиқ-ойдин адашувда, залолатда, нотўғри йўлда экансизлар. Ақлли, фаросатли одам жонсиз, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган бут-ҳайкалларнинг сиғинишга мутлақо лойиқ эмаслигини яхши билади. Ота-боболарингиз қилиб ўтишган бўлса ҳам ботил амал ҳақиқат бўлиб қолмайди! Бу дунёдаги ҳақиқат, тўғри йўл ота-боболарнинг қилган ишлари билан эмас, Аллоҳнинг кўрсатган йўли, У Зотнинг Ўз пайғамбарлари орқали нозил қилган ваҳийлари билан белгиланади.

55. Улар: «Бизга келтирганларинг ростми ёки сен ўйин қилувчиларданмисан?» дейишди.
Улар Иброҳим алайҳиссаломнинг сўзларидан ажабланиб, «Эй Иброҳим, сен олиб келган ва бизларни эргашишга ундаётган нарсанг ҳақми ёки ҳазил-мазах маъносида айтяпсанми? Гапларинг жиддийми ёки ўйин қиляпсанми?» деб сўрашди. Бу савол уларнинг эътиқодда иккиланиб, ўзларининг ботил ишларидан шубҳаланиб қолганларини кўрсатади. Эътиқодлари пуч бўлганидан дарҳол шак-шубҳага тушишди, иккиланган ҳолда пайғамбар сўзларининг рост ёки ўйин эканини тушуна олмай қолишди. Иброҳим алайҳис-салом эса ҳақни айтаётган эди. Шунинг учун ҳам шубҳага тушган, иккиланиб қолган қавмга тўла ишонч билан гапирди.

56. У айтди: «Йўқ! Сизларнинг Парвардигорингиз осмонлару Ернинг Парвардигоридирки, уларни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бераман;
Мушриклар Иброҳим алайҳиссаломнинг гапларини рост-ёлғонга чиқариш билан Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилишаётган эди. Улар Аллоҳнинг сиғинишга муносиб ягона илоҳ эканини англай олмай, шубҳага боришаётган эди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом уларнинг иккиланиб туришига жавобан комил ишонч билан шундай деди: “Йўқ, менинг гапларим ёлғон ҳам эмас, ҳазил ҳам эмас. Сизларнинг Парвардигорингиз замину коинотдаги ҳамма нарсани яратган, тенги ҳам, шериги ҳам, ўхшаши ҳам бўлмаган танҳо маъбуддир. Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни гўзал суратда, бетакрор қилиб яратган, У сизларнинг ҳам яратувчингиз ва ризқ берувчингиздир. Мен Унинг барча нарсаларнинг ёлғиз яратувчиси эканига гувоҳлик бераман, сизларга ўхшаб Унинг ҳақида турли хаёлларга бормайман, иккиланиб ўтирмайман”. Иброҳим алайҳиссалом бу гапларни асосий манбадан пайғамбар сифати билан қабул қилиб олганлар. Шунинг учун ҳам тўла ишонч билан гувоҳлик беришга ҳақлари бор. Мушриклар билан мужодала асносида пайғам-бар уларга ва улар сиғинаётган бут-санамларга қарши аёвсиз кураш олиб боришини ҳам яшириб ўтирмадилар.

57. Аллоҳга қасамки, сизлар кетганингиздан кейин санамларингизни бир бало қиламан».
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ номи билан қасам ичиб, жоҳил қавм ўзига илоҳ қилиб олган бут-санамларни синдиришга ваъда бердилар ва бунинг уддасидан чиқдилар ҳам. Араб тилида «санам» деб, бош қисми инсон шаклига ўхшатиб ишланган бутларга айтилади. Иброҳим алайҳиссалом қавмнинг ортга ўгирилиб кетиши билан уларнинг бут-санамларини парчалаб, йўқ қилиб ташлашга жидду жаҳд қилди. Ўзи билан тортишаётган қавмга, уларнинг санамларига бир ёмонлик етказишлари аниқлигини Аллоҳга қасам билан таъкидлаб айтди. Аммо нима қилишини очиқ-ойдин айтмади. У киши ўз ваъда ва қасамларига содиқ қолиб, айтган сўзларини амалга оширдилар.

58. Шунда уларни парчалаб ташлади. Фақат “Каттасига қайтишса” деб, ўшанигина (қолдирди).
Ривоят қилинишича, Иброҳим алайҳиссалом яшаган жойдаги мушриклар ҳар йили ўтказиладиган байрамларида шаҳар ташқарисига сайил қилиб чиқишар эди. Улар бу гал ҳам байрамни нишонлаш учун кетганларида Иброҳим алайҳиссалом санамлар турган жойга бориб, болға билан ҳамма бутларни парчалаб ташлади ва энг катта бутга атайлаб тегмай, “агар гапиртира олишса, нима воқеа содир бўлганини ундан сўрашар” деган мақсадда қолдириб қўйди. Аллоҳнинг “улул-азм” пайғамбарларидан Иброҳим алайҳис-салом бутлар ўзини ўзи ҳеч қачон ҳимоя қила олмаслигини қавмга кўрсатиш учун шундай йўл тутди. Шундай экан, қайси бир аҳмоқ кимса бутларга сиғинади ва улардан нажот сўрайди? Пайғамбар эса қавмни Аллоҳ таолога ибодат қилиш ҳақида фикрлашга ундамоқ-чи бўлган эди. Байрамдан қайтиб келган қавм санамларининг ер билан битта бўлиб парчаланиб ётганини кўриб, даҳшатдан қотиб қолди ва ҳайратда шундай деди:

59. Улар: «Илоҳларимизни ким бундай қилди?! У золимлардан экан-ку!» дейишди;
Қавм байрамдан қайтиб келганида бутларнинг аҳволини кўрди ва бундан ғазабланган ҳолда “Илоҳларимизни ким бу аҳволга солди, ким бу қабиҳ ишларни амалга оширди?” деб савол бера бошлади ва бу саволга жавоб излай кетди. Мушриклар “Ким қилган бўлсаям у бутларимизга зулм қилибди, энди у бизларнинг жазоимизга дучор бўлиб, ўз жонига зулм қилган бўлади” деб ўзларини овутишди.

60.    «Уларни эслаб юрадиган Иброҳим исмли бир йигитни эшитган эдик», дейишди.
Яъни, мушриклар бир-бирларига қараб: “Бир йигит илоҳларимиздан камчилик топиб, уларни ёмонлик билан эслаб, бир куни албатта зарар етказишини айтиб юрарди, унинг исми Иброҳим. Балки булар ўша йигитнинг ишидир?» дейишди.

61.    (Катталари): «Уни одамлар олдига олиб келинглар. Улар гувоҳ бўлишсин», дейишди.
Қавм бир қарорга келгач, ўша йигитни одамлар олдига олиб келиб, улар гувоҳлигида бу ишнинг тафсилотини сўрамоқчи бўлди. Улар «илоҳ»ларини парчалаб ташлаган кишининг адабини бериб қўйишга қарор қилишган эди. Улар бу жазо чорасининг бошқа одамларнинг кўзи олдида бўлишини афзал кўрдилар. Шояд, бошқалар ҳам кўриб, ибрат олишса, бундан кейин ҳеч ким «илоҳ»ларимизга қўл теккизмаса, деб ўйладилар. Ибн Касир айтади: “Бу иш Иброҳим алайҳиссаломнинг режасидаги ишлардан бири эди. У киши мушрикларнинг тўпланган жойига бориб, қавмнинг жаҳолат ботқоғига ботгани, на ўзига, на бировга фойда ё зарар етказа оладиган санамларга сиғиниш ғофилликдан бошқа нарса эмаслигини исботлаб бермоқчи бўлганди”.

62.    Улар: «Илоҳларимизни сен шундай қилдингми, эй Иброҳим?!» дейишди.
Қавмнинг мушриклари шундай фикрга боришди: “Иброҳим илоҳларимизни ёмонлаб, уларни масхара қилиб юрарди. Биз ундан бошқа ҳеч кимнинг илоҳларимизни бу даражада хорлашига ишонмаймиз, бошқа ҳеч ким бунга журъат ҳам қила олмайди. Бу ишни албатта ўша Иброҳим қилган”. Улар Иброҳимни бошлаб келиб, «Илоҳларимизни парча-парча қилиб ташлаган сенмисан?» дейишди. Уларнинг бу саволида санамларни ким парчалаганига шубҳадан кўра бу ишни унинг ўзи қилганига ишонч кўпроқ эди. Уларнинг бу саволига жавобан пайғамбар қилмишини сир тутиб, истеҳзо қилгандек шундай деди:

63. У: «Йўқ, буни уларнинг манави каттаси қилди. Агар гапира олишса, улардан сўраб кўринглар», деди.
Иброҳим алайҳиссалом "бутларнинг каттаси қилди" дейиш билан бу ишни ким қилганининг хабарини бермоқчи эмасди, балки қавмнинг ботил эътиқодини тўғри тарафга буриш мақсадида айтганди. Пайғамбар уларга қарата шундай деди: «Йўқ, мен синдирганим йўқ, ҳамма қилғилиқни ўша санамларнинг каттаси қилди, ҳамма кичик санамларни синдириб ташлаб, ўзи бутун қолди. Агар менга ишонмасангиз, уларнинг ўзларидан сўраб кўринглар». Гўё Аллоҳнинг пайғамбари “сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган бу ҳайкалларни синдирган менми ёки мана буларнинг каттасими, ҳеч ким билмайди” деяётгани англашилади. Иброҳим алайҳиссаломнинг бу гапларида ҳар қандай жоҳилнинг ҳам ҳушини жойига келтирадиган ҳақиқат бор эди. Бутлар илоҳ бўлса, нега осонгина парча-парча бўлиб кетади? Нега ўзларини ким синдирганини айтиб бера олмайди? Эй мушриклар, сизлар бутларга илоҳ деб сиғиняпсизлар. Лекин парчаланиб кетадиган, ўзини ким синдирганини айтиб бера олмайдиган нарса илоҳ бўла олармиди?

64. Шунда улар ўзларига келиб: «Сизларнинг ўзларингиз золимдирсиз», дейишди.
Ҳақиқатан ҳақни кўратуриб унга ишонмаслик ўз жонига зулм қилишдан бошқа нарса эмас. Мушрик қавм ҳам бутларнинг ҳеч нарсага ярай олмаслигини билган ҳолда Иброҳим алайҳиссаломнинг мантиқли саволларидан кейин ўзига келди. Қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган бутларни «илоҳ» деб юрганлари нотўғри эканини тушунди ва бир-бирларини золимликда айблай бошлашди. Ақлни ишлатиб бир-бирларига “Эй қавм, сизларнинг ўзларингиз золимсизлар, чунки ўзини ҳимоя ҳам қила олмайдиган нарсаларга сиғиниб, вақти келганда қаровсиз қолдириб ҳам кетдинглар”, дейишди. Лекин бу ўзгариш узоққа чўзилмади. Ношукрлик ва кибр иллати уларни қайтадан жаҳолат сари торта бошлади.

65.    Сўнгра яна бошлари айланиб: «Буларнинг гапира олмаслигини яхши билар эдинг-ку!» дейишди.
Ғофиллик ва жаҳолатдан саросимага тушган қавм Иброҳим алай-ҳиссаломга дағдаға билан ташлана кетди: “Бу санамларни гапирмаслигини билар эдинг-ку, нега энди бизларга улардан сўрашимизни айтиб турибсан? Бу гап билан устимиздан кулаётганинг аниқ, сени шу ишингга муносиб тарзда жазолашимиз аниқ бўлиб қолди”. Ушбу ояти каримада қавмнинг ботил эътиқодга қайтиши «нукису” сўзи орқали ифодаланган. Бу сўз “бош оғиши, ортга чекиниш, касалликнинг қайталаниши” маъноларини билдиради. Ваҳоланки, қавмнинг хаёлига яхши фикр келган эди, лекин куфр ва залолат бўрони уни учириб кетди. Шу тариқа эски касаллиги - ширк ва куфр қалбини эгаллади. Юқоридаги “нукису” сўзи яна “йўлдан адашиб қолиш” маъносини ҳам англатади. Олдинига ҳидоят нурини кўриб, кейин жаҳолат зулматига қайтган кишининг ҳолатини бундан бошқача қилиб таърифлаш ҳам мумкинми?

66.    У айтди: «Аллоҳни қўйиб, сизларга бирор фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга сигинасизларми?;
Иброҳим алайҳиссалом қавмга ортиқча гап-сўз қилиб ўтирмай, насиҳат қилиш билан кифояланди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломни қавм режа қилган макридан сақлади. Пайғамбар нодон қавмни ўзларига фойда ҳам, зарар ҳам етказмайдиган, қўлидан бирор иш келмайдиган бут-санамларга сиғинишдан қайтариш учун уларга яна бир хитоб қилди:

67.    сизларга ҳам, Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингизга ҳам суф-э! Ахир, ақл юритмайсизларми!»
Ҳужжат-далил топишдан ожиз қолган қавмга қарата Иброҳим алайҳиссалом шундай деди: “Сизларни яратган Аллоҳ аолога ибодат қилишдан воз кечиб, ожиз ва нотавон мана шу бут-санамларга сиғиниб юрасизларми? Сизларга “вайл” бўлсин, суф бўлсин! Сизлар бу ишни жоҳиллигингиз, ақлсизлигингиз, туғёнга кетганингиз сабабли қиляпсиз!” Бу сўзлар инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат эди. Бу гаплар уларнинг иззат-нафсига тегиб кетди. Жазавага берилиб, ҳақни айтган пайғамбарни жазолаш режасини туза бошлашди. Ақл ва мантиқ бобида мағлубиятга учраган мушрик қавм, одатдагидек, ўз рақибини жисмонан йўқ қилиш йўлига ўтди.

68. (Мушриклар): «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар, илоҳларингизга ёрдам беринглар!» дейишди.
Қавм орасидан кимдир Иброҳим алайҳиссаломни ўлдиришни, яна бири эса ўтда ёқиб юборишни таклиф қилди. Охири маслаҳатлашиб, пайғамбарни жазолаш учун уни оловда ёқиб-куйдирмоқчи бўлишди, шу мақсадда жуда кўп ўтин тўпланди. Улар бир-бирларига: «Иброҳимни оловда куйдириб, илоҳларингизга ёрдам беринглар, Иброҳимни куйдириб юборишингиз илоҳларингизга ҳақиқий ёрдам бўлади», дейишди. Лекин улар гапларининг ғирт бемаънилигини, бу талаблари илоҳларининг сохта эканини исбот этиб қўйишини ўйлаб ҳам кўришмас эди. Бандасининг ёрдамига муҳтож илоҳ қанақасига худо бўлиши мумкинлиги устида фикр ҳам юритишмас эди. Хулласи мушриклар катта гулхан ёқиб, Иброҳим алай-ҳиссаломни ўша гулханга отдилар.

69. Биз: «Эй олов! Иброҳим учун салқинлик ва омонлик бўл!» дедик.
Аллоҳ таолонинг амри бажарилди. Ҳар қандай нарсани кул қилиб юборадиган катта гулхан Иброҳим алайҳиссалом учун салқинлик ва омонлик маконига айланди, унга ҳеч қандай озор ёки зарар етмади. Яхши маълумки, Аллоҳ таоло оловга куйдириш хусусиятини берган. Ёнишга қобилиятли нарсага олов текканида у ёниб кетади. Буни кўрган одамлар, «Олов фалон нарсани ёндирди», дейишади. Аслида ўша нарсани олов эмас, Аллоҳ ёндирган бўлади. Чунки бу дунёда ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади. Иброҳим алай-ҳиссаломни оловда куйдириб, ундан қутулиш, уни жисман йўқ қилиб юбориш режасини тузган мушриклар аслида оловдан ўзлари кўпроқ зарар кўришди, мақсадлари амалга ошмади, бошларига бало етди. Уларга эргашганларнинг кўпи Иброҳим алайҳиссаломнинг шундай катта оловда ҳам ёнмагани мўъжизаси туфайли имонга келди.
Муфассирлар ушбу ояти карима тафсирида турли фикрларни ай-тишган, шулардан бирини келтириб ўтамиз: “Фаришталар: “Эй Парвардигоримиз, ер юзида Иброҳимдан бошқа ҳеч ким Сенга ибодат қилмайди. Ҳозир уни оловга ташлашяпти. Изн бер, бизлар унга ёрдам берайлик”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло айтди: “Агар у бирортангиздан ёрдам сўраса, шунда унга ёрдам берсин. Агар у Мендан бошқадан сўрамаса, Мен унинг дўсти ва мададкориман, демак, Мен билан уни холи қолдиринглар”. Шунда улуғ фаришта Жаброил алай-ҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг олдига келиб, “Бирор ҳожатинг борми?” деб сўради. Иброҳим алайҳиссалом: “Сенга ҳеч қандай ҳожатим йўқ, аммо Аллоҳга бор”, деди. Ҳазрати Жаброил: “Нега Ундан ёрдам сўрамаяпсан?” деди. Иброҳим алайҳиссалом “У менинг ҳолатимдан хабардор, сўрашимга ҳожат йўқдир”, деб жавоб берди”.

70. Улар макр қилмоқчи бўлишди. Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўрувчи қилиб қўйдик.
Мушрик қавм ўзларининг бутларини чил-парчин қилгани учун Иброҳим алайҳиссаломни жазолаш мақсадида уни катта гулханга ташлаб, оловда куйдириб юбормоқчи бўлган эди. Аммо Ҳақни ҳамиша ғолиб қилиб, ботилни яксон этувчи Аллоҳ таоло уларнинг макр-ҳийласини йўққа чиқарди. Ҳар қандай нарсани зумда куйдириб ташлайдиган кучли оловнинг ҳамласидан Ўз пайғамбарини қутқа-риб қолди. Аллоҳ таолонинг ваҳийларини инкор этиб, мушрикликка муккасидан кетган қавмнинг ўзи Парвардигорнинг мислсиз азобига учради, Аллоҳ азза ва жалла уларни ер юзидан йўқ қилиб юборди.

71. Ва унга ҳамда Лутга нажот бериб, Ўзимиз барча оламлар учун муборак қилган заминга юбордик.
Аллоҳ таоло айтяптики, Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми унга зулм ва адоват қилаётганида укасининг ўғли, яъни унинг жияни Лут билан бирга Ироқдан оламлар учун муборак-баракали қилиб қўйган жойимиз Шом заминига чиқариб қўйдик. Дарҳақиқат, Шом ери энг муборак-баракали ерлардан ҳисобланади. Барча пайғамбарлар ўша жойдан чиққан. У ерда узоқ муддат пайғамбарларга ваҳий тушиб турган. У ернинг ўзи муқаддас бўлгани ҳолда у жойда Байтул-Мақдис ҳам жойлашган. Бу шундайин муборак заминки, унинг тупроғи ҳам баракали, экин-тикинлари эса серҳосилдир.

72. Унга Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам қўшиб бердик ҳамда барчаларини солиҳлардан қилдик.
Аллоҳ таборака ва таоло яна марҳамат этяптики, Иброҳим алай-ҳиссаломга берган неъматларимиз фақат булар билангина кифояланиб қолмайди. Биз унга Исҳоқ исмли фарзанд ато қилган эдик, энди бунга қўшимча набира Яъқубни ҳам ҳадя этдик. Уларнинг ҳаммаларини солиҳ бандаларимиздан ва ҳидоятга чорловчи яхшилик йўлбошчиларидан қилдик. Дарҳақиқат, Иброҳим алайҳиссаломдан тарқалган зурриётларнинг кўплари Аллоҳ таоло томонидан пайғамбар қилиб танлаб олинди. Исҳоқ алайҳиссалом, Яъқуб алайҳис-салом, ҳазрати Иброҳимнинг яна бир ўғли Исмоил алайҳиссаломнинг барчалари инсонларни Аллоҳнинг ҳақ динига даъват этишда, Унинг рисолатини инсонларга етказишда йўлбошчилик қилишди.

73. Яна уларни Бизнинг амримиз билан ҳидоятга бошловчи пешволар қилдик. Уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик. Улар Бизгагина ибодат қилувчи бўлишди.
Сўнг уларни Бизнинг тоатимизга кириб, бошқаларни ҳам шунга чорлашга, шунингдек, намоз ва закотни тўкис адо этишга буюрдик. Улар амримизга бўйсуниб, тоат-ибодатларини Биз учун ихлос билан адо қилишди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Биз унга Исҳок, ва Яъкубни ато этдик ҳамда пайғамбарликни, китобни унинг зурриётига хосладик ва унга шу дунёда ҳам мукофотини бердик, охиратда ҳам албатта у солиҳлардандир” (Анкабут, 27).
Юқорида зикр қилиб ўтилганлар Қуръони каримда келтирилган Иброҳим алайҳиссалом қиссаси эди. Агар ҳадис китобларига назар соладиган бўлсак, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Иброҳим алайҳиссалом шаънларига айтган сўзларини учратишимиз мумкин. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Эй инсониятнинг энг яхшиси бўлган зот!” деб мурожаат қилди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу (яъни инсониятнинг энг яхшиси) Иброҳим алайҳиссаломдир”, дедилар (Муслим ривояти). Албатта бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари бўлиб, шу орқали боболари Иброҳим алайҳиссаломга мақтов йўлламоқдалар. Ҳолбуки, пайғамбарларнинг афзали, инсонларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган Исроъ ва Меърож кечаси ҳақидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “У ерда Иброҳимни учратдим, унга яқинлашгач, худди соҳибингизга (яъни менга) ўхшаш одамни кўрдим”.

74. Ва Лутга ҳикмат ва илм бердик ҳамда уни нопокликлар қилаётган шаҳардан қутқардик. Ҳақиқатан улар ёмон, фосиқ қавм эди.
Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломни Иброҳим алайҳиссалом билан бирга қутқариб, оламлар учун энг баракали заминга киритганида Иброҳим алайҳиссалом Фаластинда, Лут алайҳиссалом эса у ердан бир кунлик узоқликдаги масофада жойлашган Садум шаҳрида яшай бошлади. Ўша ерда Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломга «ҳукм» -
яъни фаҳм-фаросат, ақл-идрок, ҳикмат ва пайғамбарлик берди. Айни пайтда Аллоҳ таоло у зотга ифлос бузуқликларни, яъни бесоқолбозлик қилувчи Садум шаҳри аҳлининг ёмонликларидан нажот берди. Ўша шаҳар аҳолиси ёмон қавм бўлиб, ана шундай инсон зоти жирканадиган ифлос ишларни қилар эди.

75. Ва уни Ўз раҳматимизга ноил қилдик. Ҳақиқатан, у солиҳлардандир.
Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломни Ўзининг раҳматига сазовор қилди, яъни раҳмати билан ўраб олиб, уни ўша қавмнинг бузуқликларидан қутқарди. Шу билан бирга уни солиҳ инсонлардан қилди. Аллоҳ азза ва жалла ҳамиша шундай қилади - доимо пайғамбарларини, солиҳ бандаларини ёмон қавмларнинг зулми ва гуноҳларидан қутқариб, турли бало-офатлардан нажот бериб туради. Масалан, қуйидаги оятларда зикри келадиган пайғамбар Нуҳ алайҳиссаломнинг бошидан ҳам худди шу каби воқеалар ўтган.

76. Ва Нуҳни ҳам. Бундан олдин у нидо этганида, унинг нидосига жавоб қилдик: уни ва аҳлини улкан балодан қутқардик.
Яъни, пайғамбарларимиздан Нуҳни ҳам раҳматимизга ноил қилганмиз. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми бутхоналарда санамларга сиғиниб турган пайтида пайғамбар уларга “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” денглар, мен Аллоҳнинг бандаси ва элчисиман” деб уларни тавҳидга чақирмоқчи бўларди. Қавми эса бунга жавобан қулоқларини беркитиб олар, унинг гапларини эшитмасликка ҳаракат қиларди. Нуҳ алайҳиссалом нодон қавмнинг саркашлиги, итоатсизлигидан ночор ҳолда қолиб, Аллоҳ таолога илтижо қилганида Парвардигор унинг илтижосини қабул қилиб, имонга келмаган осий қавмнинг бошига тўфон балосини юборди. Нуҳга эргашган оз сонли мўминларга эса тўфондан нажот берди: пайғамбарга бир кема ясаб, унда тўфондан қутулиш йўлини ўргатди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ва Нуҳга ваҳий қилинди: «Қавмингдан олдин имон келтирганларидан ташқари бошқа ҳеч ким энди имонга келмайди, уларнинг қилмишлари туфайли қайғурма! Бизнинг кузатувимиз ва ваҳийимиз билан бир кема яса ва золимлар ҳаҳида Менга сўз очма, улар албатта ғарк, қилинувчилардир» (Ҳуд, 36-37).

77. Унга оятларимизни ёлғонга чиқарган қавм устидан нусрат бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон қавм эдилар. Уларнинг барчаларини ғарқ қилиб юбордик.
Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини тўққиз юз эллик йил Аллоҳнинг бирлиги ва борлигига имон келтиришга чорлаган. Бу узун муддат орасида у киши кўп жабру жафоларга учради, қавмининг имонга келмаётганидан азоб чекди, ташвишга тушди. Охири сабри тугаб, Аллоҳга жоҳил қавмни жазолашни сўраб нидо қилди. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг дуосини ижобат қилди, нодон қавмни улкан тўфон балосига гирифтор қилди. Улар яшаб турган заминни сув босди, бундан қутулиб қолишга асло имкон қолмади. Шунда Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга бир кема ясаб, барча жонзотлардан бир жуфтдан ва ўзига эргашган имонли инсонларни кемага олишни буюрди. Шу тариқа Аллоҳ азза ва жалла Нуҳ алайҳиссалом бошлиқ мўминларга нажот берди, улар Парвардигорнинг лутфу инояти билан тўфон балосидан қутулиб қолишди. Нуҳ алайҳиссалом қиссаси бошқа сураларда батафсил келган. Бу сурада эса, икки оятда қисқача баён қилинмоқда. Яъни, Нуҳ Биздан ёрдам сўраб, илтижо қилган эди, унинг дуосини қабул қилиб, ижобат этдик. Нуҳни ва унинг аҳли-оиласини (хотини ва бир ўғлидан ташқари) улкан офатдан, тўфон балосидан, оммавий ҳалокатдан қутқариб қолдик. Унинг қавми эса оятларимизни ёлғонга чиқарган эди. Ўша қавмнинг зиддига Нуҳга нусрат ва нажот бердик.

78. Довуд ва Сулаймоннинг экинзор ҳақида ҳукм қилганларини (эсланг). Ўшанда кечаси унга қавмнинг қўйи тарқалиб кетган эди. Уларнинг ҳукмига гувоҳ эдик.
Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан эди. Сулаймон алайҳиссалом эса у кишининг ўғли бўлиб, унга ҳам Аллоҳ таоло томонидан пайғамбарлик берилган эди. Парвардигор уларнинг ҳар икковига ҳам салтанат, файз қуввати, илм ва ҳикмат ато қилган эди. Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг изни билан кўп неъматлар қатори ажиб сўзларни айтиш ва эшитувчиларни ҳайрон қолдириш, инсонлардан бошқа махлуқларнинг тилини билиш каби имкониятларни ҳам берган эди. Ушбу ояти каримада ўша даврдаги бир воқеа - бир кишининг қўйи бошқа бировнинг экинзорини пайҳон қилгани учун иккала пайғамбарнинг чиқарган ҳукмлари ҳақида сўз боради.

79. Шунда буни Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукм ва илм берган эдик. Довуд билан бирга тасбеҳ айтсин деб, тоглар ва қушларни бўйсундириб қўйдик. Биз шундай қиламиз.
Муфассирларнинг ривоят қилишларича, ушбу оятларда зикр қилинган пайғамбарлардан Довуд ҳамда Сулаймон алайҳимассаломнинг экинзор ҳақидаги ҳукмлари қуйидагича бўлган: “Ўз даврининг пайғамбари ва подшоҳи бўлмиш Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурига икки киши ўз ораларида ҳукм чиқаришни сўраб келишади. Улардан бирининг экинзори, иккинчисининг эса қўйлари бўлган экан. Ўшанда кечаси биринчи кишининг экинзорига иккинчисининг қўйи тарқалиб кетган, кечаси билан экинзорни пайҳон қилиб, ҳосилни еб битирган эди. Довуд алайҳиссалом икки томоннинг гапини эшитиб кўргач, қўйларни экинзор эгасига беришга ҳукм чиқарди. У қўйларнинг сутидан фойдаланиб турсин, шу вақт мобайнида туғилган қўзиларни ўзига олсин. Бир қараганда, пайҳон бўлиб йўқолган экинзор ўрнига уни пайҳон қилган қўйларни олиб бериш айни адолат эди. Бу ҳукмдан кейин қайтиб кетаётган қўйларнинг эгаси йўлда Сулаймон алайҳиссаломни кўриб қолиб, бўлган ҳодисани у кишига айтиб берди. Шунда Сулаймон алайҳис-салом оталари Довуд алайҳиссаломнинг олдига кириб, «Эй Аллоҳнинг набийси, ҳукм сиз чиқаргандек бўлмаслиги керак эди», деди. Довуд алайҳиссалом: «Қандай бўлиши керак эди?» деб сўради. Сулаймон алайҳиссалом: «Қўйни экинзор эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса қўйларнинг эгасига беринг, уни тузатиб, асл ҳолига келтирсин. Сўнгра ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади. Экинзорнинг эгаси ерини эски ҳолига келганидан сўнг қайтариб олади, қўйларнинг эгаси ҳам қўйларини қайтариб олади», дедилар. Шунда Довуд алайҳиссалом: «Ҳукм сен чиқаргандай бўлсин!» деди. Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, шунинг учун ўша адолатга қўшиб, бузилган нарсани тузатишни ҳам ўз ичига олган ҳукмни чиқардик. Яъни Довуд алайҳиссаломга ҳам, Сулаймон алайҳисса-ломга ҳам ҳукм ва илмни берган эдик». Довуд алайҳиссалом чиқарган ҳукм ҳам хато эмас, адолатли ҳукм эди. Аммо Сулаймон алай-ҳиссаломнинг ҳукмлари тўғрироқ, мукаммалроқ бўлди.
Довуд алайҳиссалом жуда хушовоз бўлган, хуш савтда Аллоҳга қилган сано ва муножотлари билан машҳур эди. У киши Забурни тиловат қилганида бутун борлиқ сукутга чўмиб, уни тинглаган. Ҳатто осмонда учиб кетаётган қушлар тўхтаб қолган, у кишига қўшилиб тасбеҳ айтган. Шунингдек, тоғларнинг ҳам у киши билан бирга ўзига хос услуб билан тасбеҳ айтиши қушларникидан ҳам ғаройиб бўлганидан муфассирлар ояти каримада қушлардан олдин тоғларнинг зикр қилинганига эътибор қаратишган. Довуд алайҳиссаломга Парвардигори яна темирни бўйсундириб ҳам қўйган эдики, бунинг зикри навбатдаги ояти каримада келади:

80. Унга сизларга зиён етишдан сақлайдиган совут ясаш санъатини ўргатдик. Энди шукр келтирувчилардан бўларсиз?!
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирни хамирдек мулойим қилиб берди. Довуд алайҳиссаломга одамларни жангда душман қуролининг ҳамласидан сақлаб қоладиган совут ясашни ҳам ўргатди. У совутни ўз қўли билан ясар, бунда олов ва болғадан фойдаланар эди. Шунгача урушда ҳимоя учун текис тунука ниқоблар (қалқонлар) ишлатилган бўлиб, уларни ишлатиш жуда қийин бўлган экан. Довуд алайҳиссалом Аллоҳ берган таълим асосида ҳалқа-ҳалқа тўр ясаб, ундан жангчилар кийиб оладиган совутлар тўқишни йўлга қўйган эканлар. Темирдан ясалган бу совутлар аскарларни душман найзаси, қиличи ёки камон ўқидан сақлар, уларнинг ўзлари ҳам бундай кийимда эркин ҳаракатланиб, яхши жанг қила олар эдилар. Бу нарса Аллоҳнинг бандаларга берган ўзига хос неъмати эди. Аллоҳ эса берган неъматларига бандаларининг шукр қилишларини истайди. Шунинг учун ҳам оят охирида: «Энди шукр қилувчилардан бўларсиз?!» дейилмоқда.
Шундан кейинги икки оятда эса Аллоҳ таоло Довуд алайҳисса-ломнинг ўғли Сулаймон алайҳиссаломга берган неъматларидан баъзиларини эслатмоқда:

81. Сулаймонга шиддатли шамолни унинг амри билан Биз муборак қилган ер сари эсадиган қилиб қўйдик. Биз ҳамма нарсани билувчидирмиз.
Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик масофани босиб ўтадиган шиддатли шамолни бўйсундириб, унга беминнат хизматкор қилиб берган эди. Одатда бошқа табиий ҳодисалар қатори шамолни ҳам Аллоҳ таоло маълум шарт-шароитларга боғлиқ қилиб қўйган. Шундай шароитлар вужудга келгандагина шамол эсади, шароит бўлмаса, қилт этмай туради. Бундай ҳол ҳамиша такрорланавергани-дан одамлар шамолнинг эсишини ўша шарт-шароитларга боғлаб олиб, унинг ҳақиқий эгаси бўлмиш Аллоҳни унутиб қўядилар. Ҳолбуки, Аллоҳ хоҳласа мазкур шарт-шароитларсиз ҳам шамолни эсдираверади. Масалан, оятда зикр этилганидай, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Сулаймон алайҳиссаломга шиддатли шамолни ҳам бўйсундириб қўйди. Унинг амри билан шамол пайғамбар хоҳлаган вақтида хоҳлаган томонига эсар эди. Яъни, ўша шамол Сулаймон алайҳиссаломнинг амри билан Аллоҳ муборак қилиб қўйган ерга, яъни Шоми шарифга эсадиган бўлди. Аллоҳ таоло айтади: “Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб кўйдик” (Сабаъ, 12).

82. Ва шайтонлардан унга ғаввослик қиладиганларни ва бундан бошқа ишларни бажарадиганларни ҳам. Яна уларни сақловчи бўлдик.
Довуд алайҳиссалом вафотларидан кейин у кишининг ўрнига пайғамбар бўлган Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таоло жуда кўп неъматларни ато қилган эди. У кишига ҳайвон ва қушларнинг тилини тушуниш, жин-шайтонларга ҳукмронлик қилиш каби фазлларни ҳам берган эди. Ўша жинлардан баъзилари ғаввослик қилиб, Сулаймон алайҳиссаломга денгиз остидан турли-туман ёқут, марварид каби жавоҳирларни чиқариб беришарди. Сулаймон алайҳис-салом отаси ҳазрати Довуднинг васиятига биноан Масжидул-Ақсони барпо этишни ниҳоясига етказгач, денгиз остидан жинлар ғаввослик қилиб чиқариб берган жавоҳирлар билан масжид деворларини безади. Жинларнинг бошқа тоифаси эса одамлар қила олмайдиган шаҳар қуриш, улкан қасрлар барпо этиш ва шунга ўхшаш ўта қийин ишларни бажарарди. Буларнинг устига Аллоҳ жинларни пайғамбарнинг амридан чиқиб кетишдан сақлаб турди.

83. Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «Менга мусибат етди. Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан!» деганини эсланг.
Айюб алайҳиссалом Шомнинг Дамашқ шаҳри ва Ўрдунга қарашли Басония ўлкасида яшаб ўтган пайғамбардир. Басониянинг шарқию ғарби ўртасидаги ҳамма нарса: тоғлару водийлар, беҳисоб туя, сигир, от ва бошқа жуда кўп нарсалар Айюб алайҳиссаломга қарашли эди. У ҳам бошқа пайғамбарлар каби Аллоҳ таоло томонидан танланиб, унга ҳам Яъқуб алайҳиссалом замонида пайғамбарлик ато қилинган эди. Айюб алайҳиссаломнинг дини ҳам Иброҳим алайҳиссаломники каби тавҳид дини эди. Айюб алайҳиссалом Аллоҳнинг синовига учради: барча бойлигини йўқотди, уйи қулаб тушди, барча ўғилларидан ажради. У тузалмас оғир дардга гирифтор бўлиб, ҳамма ёғини ярачақа босиб кетди. Унинг бошига тушган кўргиликлар ўн саккиз йил давом этди. Яқинларининг ҳаммаси ундан воз кечишди, фақат икки дин биродари унинг ҳолидан хабар олиб турди ва улар ҳам кейинчалик уни ташлаб кетишди. Аммо шуларга қарамай, у Аллоҳнинг синовига сабр билан дош берди, Унга сано айтиб, ибодат қилишдан, берганларига шукр айтиб, олиб қўйганларига сабр қилишдан бўшамади. У тамоман бирор дўст ва ҳамкорсиз қолганда ҳам саждага бош кўйиб, Аллоҳга ёлборишда давом этаверди, Унинг меҳрибонлиги ва раҳматидан умидвор бўлди. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломнинг сабрига яраша уни гўзал мукофот билан тақдирлади.

84. Шунда уни ижобат қилдик, ундаги заҳматни кетказдик. Ўз ҳузуримиздан раҳмат кўрсатиб, барча ибодат қилувчиларга эслатма бўлиши учун унга аҳли-оиласини, уларга қўшиб яна шунча авлодни ҳам бердик.
Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломнинг илтижоларини қабул қилиб, дуосини ижобат этди. Унга етган касаллик ва заҳматлардан қутқарди. Ўз ҳузуридан раҳмат ва меҳрибонлик кўрсатиб, у йўқотган ҳамма нарсасини қайтариб берди. Аллоҳ пайғамбарини барча мол-дунёсидан, макони ва аҳли-оиласидан, ҳатто қариндошлари, яқинлари, хизматчиларидан ҳам маҳрум қилган эди. Айюб алай-ҳиссаломнинг сабри ва фақат Аллоҳнинг Ўзига суянгани эвазига Парвардигори унинг йўқотган ҳамма нарсасини бир неча баробар ортиғи билан қайтариб берди. Пайғамбарлар тарихида Айюб алай-ҳиссалом Аллоҳнинг имтиҳонини сабр ва ихлос билан кутиб олиши билан собирларнинг (сабр қилувчиларнинг) тимсолига айланиб кетган. У Аллоҳнинг амри билан бир чашма сувида ювиниб, барча дардларидан халос бўлди. Аллоҳ унга ёшлигини қайтариб берди, аввалгидан ҳам чиройлироқ ҳусн ато этди. У қаёққа қараса, кўринган нарсаси уники бўлди. Аллоҳ таоло бу билан Ўзининг синовларига сабр қилувчи собир бандаларини мана шундай мукофотлашини кўрсатиб қўйди.
Кейинги оятда эса пайғамбарлардан Исмоил, Идрис ва Зулкифл алайҳиссаломларнинг номлари зикр қилинади.

85. Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсланг). Барчалари сабр қилувчилардандир.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан уч кишининг номи зикр қилинмоқда ва уларнинг сабрларига алоҳида урғу берилмоқда. Иброҳим алайҳиссаломнинг Ҳожардан кўрган ўғиллари Исмоил алайҳиссаломнинг номи Қуръони каримнинг ўн бир жойида зикр қилинади.Ҳақиқатан ҳам Исмоил алайҳиссалом олий даражадаги сабр-бардош намуналарини кўрсатди. У киши гиёҳ ўсмайдиган саҳрода онаси Ҳожар билан қолиб, Аллоҳнинг синовига сабр қилиб ўсди. Байтуллоҳни қуришда оталари Иброҳим алайҳиссаломга сабр-матонат билан ёрдам берди. Аллоҳнинг амрига кўра, отаси Иброҳим алай-ҳиссалом уни курбонлик қилмоқчи бўлганида отасига ҳеч бир эътироз билдирмай, сабр қилишини айтди ва ваъдасига хилоф иш қилмади. Унинг бу сабри ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади: “У (Исмоил) айтди: “Эй отажон, сизга буюрилган ишни килинг. Иншааллоҳ, менинг сабр крлишимни кўрасиз” (Соффот, 102).
Қуръони каримнинг фақат биргина Марям сурасида Идрис алай-ҳиссалом ҳақида зикр қилинади. Айтишларича, у кишининг Таврот ва Инжилдаги исми Хунух бўлган. Муфассирлардан Алусий айтади: “Идрис Нуҳ алайҳиссаломдан олдин ўтган пайғамбар эди, орада юз йил бор”. Муаррихларнинг гувоҳлик беришларича, Идрис алайҳис-салом Ироқнинг Бобил шаҳрида туғилган, Аллоҳ уни Бобил халқига пайғамбар қилиб юборган. Кейин Мисрга кўчиб, унинг аҳлини сабр билан Аллоҳ таолога холис ибодат қилишга чақирган.
Зулкифл алайҳиссалом ҳақида ҳам маълумотлар жуда оз учрайди. Айрим муфассирлар у кишини набийлар сафига қўшишмайди ҳам. Лекин Анбиё сурасида машҳур пайғамбарлар билан бирга зикр этилиши у кишининг ҳам пайғамбарлардан бўлганини кўрсатади. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломдан сўнг Бишр ибн Айюб алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Унга Зулкифл деб исм берди ва инсонларни тавҳид динига даъват қилишни буюрди. Унга Рум халқи итоат этди ва унинг пайғамбар эканини тасдиқлади. Зулкифл алайҳиссалом Шомда яшади ва етмиш беш ёшда Шомда вафот этди. Ушбу оятда у кишининг ҳам ниҳоятда сабрли бўлгани эслатиб ўтилади.

86. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир.
Исмоил, Идрис ва Зулкифл алайҳимуссаломнинг Қуръони каримда зикр этилиши уларнинг пайғамбарлардан бўлишганига далолат қилади. Аллоҳнинг синовлари ва бошларига келган мусибатларга қилган сабрлари туфайли Аллоҳ таоло уларни Ўз раҳмати билан чулғаб олди ва уларга кўп яхшиликларни ато этди. Улар аҳли солиҳлардан бўлдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг номлари Қуръони каримда зикр қилинмоқда. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), кувват ва фаросат эгалари бўлган бандаларимиз - Иброҳим, Исҳок, ва Яъкубларни эсланг! Биз уларни (бир) хислат - (боқий) диёр эслатмаси билан хос қилдик. Яна улар Бизнинг ҳузуримизда танланган яхши кишилардандир. Яна Исмоил, Ал-Ясаъ ва Зулкифлни эсланг, барчалари яхши кишилардандир” (Сод, 45-48).

87. Зуннуннинг газабланган ҳолда чиқиб кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнгра қоронғи зулматда туриб: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен нуқсонлардан покдирсан! Дарҳақиқат мен зулм қилувчилардан бўлдим» деб нидо қилганини (эсланг!)
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Зуннун (Балиқ эгаси) деб атаган инсон Унинг пайғамбарларидан Юнус алайҳиссаломдир. Юнус ибн Матта ибн Бинямин ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳис-салом Шом мамлакатининг Мавсил қишлоқларидан бири Найнаво қавмидандир. Аллоҳ таоло у кишини Илёс алайҳиссаломдан сўнг Бани Исроилга пайғамбар қилиб юборган. Ўшанда у киши энди ўттиз ёшга кирган эди. Юнус алайҳиссалом бутларга сиғинувчи Най-наво аҳлини Ҳақ динга даъват қила бошлади. Аммо у киши қанчалар даъват қилмасин, насиҳатлар билан мурожаат этмасин, қавмга Аллоҳ ҳидоят насиб этмади, улар бутлардан юз ўгирмади. Юнус алайҳиссалом агар имонга келишмаса, уларга Аллоҳнинг азоби келиши ҳақида қавмни огоҳлантирди, аммо қавм шунда ҳам имонга келмади. Юнус алайҳиссалом итоатсиз одамлардан ғазабланиб, йўлида дуч келган денгиз соҳилида бир кемага ўтириб, итоатсиз қавмни ташлаб чиқиб кетди. У кемадалигида Найнаво устига Аллоҳнинг балоси келди. Шунда жоҳил қавм Аллоҳнинг азоби нақдлигидан қўрқувга тушиб, пайғамбарни ахтаришга, Аллоҳга илтижо қилишга тушди. Аллоҳ таоло уларга шафқат қилди, ҳаммалари балодан қутилиб қолишди. Шунда улар Юнус алайҳиссаломни кўришни, унга итоат этишни истаб қолишди. Аммо бу пайтда пайғамбар улардан анча олисда кемада кетаётган эди. Кема денгизда юрмай қолганида ичимизда гуноҳкор борлиги учун кема юрмай қолди, деб ўйлаган кемадагилар қуръа ташлаб, Юнус алайҳиссаломни гуноҳкор сифатида денгизга ташлашади. Уни денгизда улкан балиқ ютиб юборади, кейин эса у қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан қорнидаги одамни чиқариб ташлайди. Шунинг учун Юнус алайҳиссалом Зуннун, яъни балиқ эгаси лақабини олган. У зотнинг қиссалари Соффот сурасида келади. Аммо бу сурада қисқача баён қилинмоқда.
Аллоҳнинг даъвати йўлида сабр қила олмаган, итоатсиз қавмни тавҳидга чақиришда шошқалоқлик қилган пайғамбарни Аллоҳ балиққа юттириб, имтиҳон қилди. Уламоларнинг айтишларича, аслида у киши ҳам бошқа пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмай, қавмига зарда қилиб, юртидан чиқиб кетди. Сўнгра Аллоҳ таоло у кишини синовга учратди. Ана ўшанда у қоронғи тун зулматида, балиқ қорнидаги зулматда туриб, Парвардигорига чин дилдан илтижо қилди ва ўз жонига зулм қилганини тан олгани учун Аллоҳ азза ва жалла уни балиқ қорнидан эсон-омон қутқариб олди.

88. Шунда уни ижобат қилдик ва ғамдан қутқардик. Мўминларга ана шундай нажот берурмиз.
Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломнинг чин дилдан қилган дуо-илтижоларини ижобат қилди, уни балиқ қорнидан эсон-омон чиқариб, ғамдан қутқарди. Аллоҳ азза ва жалла Ўзига имон келтирган бандаларини бало-офатлардан ана шундай қутқариб, уларни ғам-мусибатлардан халос этади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Тўла юкли кемага қараб қочган эди. Шунда куръа ташлашди ва мағлуб бўлди. Маломатга колган ҳолида уни бир наҳанг балиқ ютиб юборди. Агар у тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида албатта у (балиқ) қорнида то (одамлар) қайта тириладиган кунларигача қолиб кетган бўлур эди. Шунда Биз уни хаста ҳолида қуруқликка чиқардик. Биз уни юз минг, балки ундан ҳам кўпроқ одамларга пайғамбар қилдик. Энди улар унга имон келтиришди. Сўнгра Биз уларни бир муддатгача баҳраманд этдик” (Соффот, 140-148). Юнус алайҳиссаломнинг балиқ қорнида туриб қилган дуоси ҳозиргача мўминлар учун нажот топиш мақсадида Аллоҳга ёлборишда қўлланма бўлиб келяпти. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ким ғамга мубтало бўлса, олдинги оятдаги «Лаа илааҳа илла анта, субҳанака инни кунту миназ-золимийн» дуосини ўқиса, кушойиш бўлишини айтганлар. Зуннун алайҳиссаломнинг қиссаларида даъватчилар учун катта ибрат бор. Улар ҳар қанча тў-сиқларга, қийинчиликларга учрасалар ҳам, ғазабланмай, аччиқлари чиқмай, сабр қилишлари керак бўлади.

89. Ва Закариё Парвардигорига нидо қилиб: «Парвардигорим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди.
Закариё алайҳиссаломнинг қиссаси Оли Имрон ва Марям сураларида батафсил баён қилинган. У киши Сулаймон алайҳиссаломнинг набиралари бўлиб, Бани Исроилнинг пайғамбари, уламоси ва донишмандлари бошлиғи эди. Бу ердаги икки оятда эса унинг фарзанд сўраб, Парвардигорига илтижо қилгани эслатилмоқда. У киши Парвардигордан ўзини ёлғиз ташлаб қўймай, бир меросхўр фарзанд беришни сўради. Бу унинг давлати учун меросхўр эмас, дини ва шариат ишларини давом эттирувчи бўлиши учун эди. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Закариё алайҳиссаломни бефарзандлик билан имтиҳонга солган эди. Аммо Закариё алайҳиссалом ноумид бўлмади. Ўзи юздан ошган, хотини юзга яқинлашиб қолган бўлса ҳам сабр билан Аллоҳдан фарзанд сўраб, дуо-илтижо қилаверди. Шунингдек, энг яхши ворис Аллоҳнинг Ўзи эканини ҳам қўшиб қўйди. Бу билан у киши “мен ортимдан меросхўр қолишини эмас, дин ва бошқа ишларни давом эттирувчи бир фарзанд қолишини сўраяпман”, демоқчи бўлди.

90. Шунда уни ижобат қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Дарҳақиқат, улар яхши ишларга шошишар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо қилишар эди. Улар Бизга итоаткор эдилар.
Закариё алайҳиссалом Байтул-Мақдисда турганида Аллоҳ таоло ваҳий орқали у кишининг туғмас хотини ҳомиладор бўлиши, унга Яҳё исмли бир фарзанд ато этилиши ҳақида хушхабар берди. Бунинг аломати эса пайғамбарнинг тили Таврот ўқиш ва тасбеҳ айтишдан бошқасига айланмай қолиши эди. Шундай қилиб, унинг дуоси ижобат бўлди: буюк Аллоҳ Ўзининг қудрати илоҳияси билан ёши ўтиб қолган икки қарияга фарзанд неъматини ато этди. Яъни, қариб қолган чоғида унга фарзанд берди. Аслида унинг фарзанд кўриши мутлақо ақлга сиғмасди, чунки ўзи кексайиб қолган, аёли ҳам қариб, туғишдан ноумид қолинадиган ёшга етган эди. Аммо Аллоҳ таолога ҳеч бир иш иложсиз, мушкул эмас. У Закариёнинг хотинини ҳомиладор бўладиган ва туға оладиган қилиб қўйди. Шу туфайли улар ўта қари чоғларида ҳам фарзанд кўриш имконига эга бўлдилар. Чунки улар яхши ишларга шошишар, яъни Парвардигорларига рағбат, чин ихлос ва қўрқув билан дуо қилишар эди. Улар Аллоҳ таолога итоат ва ҳокисорлик билан ҳамиша илтижода бўлишар эди.

91. Ўз номусини пок сақлаганга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга аломат қилдик.
«Ўз номусини пок сақлаган» деганда, Биби Марям назарда тутилган. Бошқа диндагилар, хусусан, яҳудийлар Биби Марямга нисбатан туҳмат қилиб, уни Исо алайҳиссаломни отасиз туққанликда, зинода айблайдилар. Ислом ва Қуръон эса Марямнинг поклигини, номусини пок сақлаганини, унга бирор эркакнинг ҳатто қўли ҳам тегмаганини таъкидлаб зикр этади. Бу оятда Марямнинг исмлари билан эмас, балки зинодан сақланиб, фаржларини пок тутганлик сифатлари билан эсланаётгани ҳам шу асосдадир. Аллоҳ таоло айтади: “Фаришталарнинг: «Эй Марям, Аллоҳ ҳақиқатан сени танлади, поклади ва оламларнинг аёлларидан афзал қилди; эй Марям, Парвардигорингга итоат эт, рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», деганларини эсланг” (Оли Имрон, 42-43).
Юқоридаги ояти каримада Жаброил алайҳиссалом келиб, Биби Марямнинг кўйлаклари ёқасидан пуфлаганида у киши Исо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлганликларига ишора бор. Аллоҳ таоло айтяптики, «Марямни ва унинг ўғли Исони бутун оламлар учун Аллоҳнинг қудратига аломат қилдик». Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Бани Исроил аёлларининг энг яхшиси Марям бинти Имрон, мусулмон аёлларининг энг яхшиси эса Хадича бинти Хувайлиддир” деганларини эшитганман”.

92. (Эй инсонлар), сизларнинг ушбу умматингиз бир умматдир, Мен эса сизларнинг Парвардигорингизман. Демак, Менгагина ибодат қилинглар.
Эй одамлар! Сизнинг умматингиз, яъни динингиз бирдир ва бу дин тавҳид динидир. Барча анбиёларнинг, ҳамма қавм ва миллатларнинг дини шудир. Мен барчангизнинг Парвардигорингизман. Шундай экан, фақат Менгагина ибодат қилинглар. Дин - «итоат, парҳез, эътиқод, ҳисоб, жазо, ишонч, мукофот, ҳукм, йўл тутиш» маъноларини билдиради. Дин илоҳий йўл-йўриқдир, Аллоҳ таоло буюрган ҳукмлар, ибодатлар ва ақида мажмуидир. Дин ақлли инсонларни моҳият нуқтаи назаридан хайрли ва эзгу нарсаларга етказади. Барча пайғамбарлар алайҳимуссалом даъват этишган дин асосда бирдир. Улар инсонларни оламни ягона Аллоҳ таоло яратганига иқрор бўлишга ва фақат Унга ибодат қилишга даъват этишган. Улар етказган ҳукмлардагина фарқ бордир, асосий даъватларида эса фарқ йўқ. Дунёда дини, ишончи бўлмаган бирор миллат ёки халқ йўқ. Чунки бирор миллат динсиз яшай олмайди. Ейиш, ичиш, ухлаш каби дин ҳам ҳар бир инсон учун эҳтиёждир. Бироқ ҳар қандай дин, эътиқод ҳам тўғри бўлавермайди. Энг тўғри, ҳақ дин - Аллоҳнинг хушнуд бўлган, танлаган дини Исломдир. У бутун инсониятга юборилган, Аллоҳнинг элчилари томонидан ўргатилган умумий бир диндир, барча пайғамбарларнинг динидир. «Ислом» - «бўйсуниш, тоат, ихлос, тинчлик, сулҳ» демакдир. Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарлар: Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад алайҳимуссаломлар инсониятни асосда бир динга - Аллоҳ таолонинг улуҳиятда ва рубубиятда ягоналигига, Унинг китобларига, фаришталарига, расулларига ва қиёмат кунига имон келтиришга, фақат Унга ибодат қилишга даъват этишган.

93. Улар эса ишларини ўзаро бўлиб ташлашди. Барчалари Бизга қайтувчилардир.
Аллоҳ бир бўлгани учун Унинг дини ҳам бирдир. Пайғамбарларнинг барчалари ҳам ана шу ёлғиз Аллоҳнинг ягона динига тарғиб қилишган. Аслида барча инсонлар бир уммат бўлиб, бир динга ишо-нишлари, ягона Аллоҳга ибодат қилишлари керак эди. Аммо одамлар бу йўлдан юрмай, ўзларича йўлларини, динлари ва ишларини турлича қилиб юборишди. ихтилофлар ўйлаб чиқариб, динларини бошқа-бошқа номлар билан бўлиб юборишди. Уларнинг ҳаммаси барибир алал-оқибат Аллоҳга қайтишади,ўшанда Унинг Ўзи билиб, ҳаммаларини ҳисоб-китоб қилади.

94. Ким мўмин ҳолида солиҳ амаллар қилса, саъй-ҳаракати зое кетмайди. Биз албатта уни ёзиб қўювчидирмиз.
Инсондан фақат қилган яхшиликлари, солиҳ амаллари, яхши номи қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўмин бандаларига қаерда.
қай йўсинда бўлса ҳам фақат солиҳ амал, яхшилик қилишга буюр-оқда. Инсон қилган яхшиликлари билан Аллоҳ таолонинг розилигини топади. Яхшилик қилишнинг ўзи у ёқда қолиб, яхшиликка йўллаб қўйганлар ҳам ажр-савобга эришишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликка йўлловчи киши яхшилик қилган қаторидадир», деганлар (Бухорий ривояти). Ривоят этилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларга: «Бани Исроилда бир киши бор эди, у жуда кўп хайрли ишларни қиларди. Ўша киши сизларнинг ичингизда ҳашр қилинади (қайта тирилтирилади)», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у нима яхши иш қиларди?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб қилдилар: «Унга отасидан жуда кўп мол-дунё мерос қолганди. Бойликнинг бир қисмига бир боғ сотиб олиб, уни фақирларга вақф қилди (абадий фойдаланишга берди). «Парвардигорим ҳузурига борганда бу менинг боғим бўлади», деди. Яна бир қанча олтинни ажратиб, уни фақир ва ночор кишиларга тарқатди: «Бунга Аллоҳ таолодан жория ва қуллар сотиб оламан», деди. Яна бир қанча қулларни озод қилди: «Булар ҳам Аллоҳ ҳузурида менинг хизматчиларим бўлади», деди. Бир куни эса кўзи ожиз одамни кўриб қолди. Қараса, қоқилиб-йиқилиб кетяпти. Унга бир улов сотиб олиб берди ва: «Бу эса Аллоҳ таоло ҳузурида менинг уловим бўлади», деди. Пайғамбар алайҳиссалом бу ривоятни айтиб бўлганларидан кейин: «Жоним измида бўлган Аллоҳ таолога қасамки, бу улов унинг учун эгарланган ва жиловланган ҳолда ҳозир турганини кўряпман, бу киши унга минади ва Маҳшаргоҳга шундай ҳолда келади», дедилар.

95. Биз ҳалок қилган шаҳар-қишлоқларнинг қайтмаслиги мумкин эмасдир.
Яъни, дунё ҳаётида қилган зулм ва гуноҳлари учун ер юзидан йўқ қилиб юборилган шаҳар-қишлоқларнинг аҳолиси “шу билан ер остида қолиб кетамиз, Аллоҳнинг жазосидан қутулиб қоламиз” деб хомтама бўлишмасин. Бу дунёдаги гуноҳлари учун вайрон қилиниб, ҳалок бўлиб кетган шаҳар-қишлоқларнинг аҳли ҳам қиёмат куни жазоларини тўлиқ олиш учун қайтариладилар. Уларнинг қайтмасликлари асло мумкин эмас».
Кейинги оятларда қиёмат кунининг баъзи кўринишлари, жумладан, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши васф этилади:

96. Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганида;
Қиёмат яқинлашганида Исо алайҳиссалом осмондан тушиб келадилар, тўғон ортига қамаб қўйилган беҳисоб қавм бўлмиш Яъжуж ва Маъжужнинг банди ечилиб, худди селдай ёпирилиб тепаликлардан тушиб келади. Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг муҳим қисми Пайғамбаримиз алайҳиссалом хабар берган қиёматнинг аломатларига: Дажжол, Даббатул арз, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари, қуёшнинг мағрибдан чиқиши каби қиёмат аломатларининг ҳақлигига ишонишдир. Қиёматнинг қоим бўлиши, унинг аломатлари содир бўлиши муқаррардир, шубҳасиздир. Ҳар бир мўминнинг бунга ишониши шартдир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «(Эй Муҳаммад), Қиёмат качон бўлишини сўрашади. Сиз: «Бунинг илми фақат Парвардигорим ҳузуридадир, уни ўз вақтида Ўзи ошкор қилади, осмонлару Ерга жуда оғир бўлади, сизларга тўсатдан келади», денг. Буни худди сиз биладигандек сиздан сўрашади, «Бунинг илми Аллоҳ ҳузуридадир, лекин кўплар билишмайди», денг” (Аъроф, 187).
Уламолар қиёмат содир бўлишининг белгиларини катта ва кичикка ажратишган. Катта аломатлар ўнта бўлиб, булар: қуёшнинг мағрибдан чиқиши, Даббатул-арз (ер ҳайвони), Яъжуж-Маъжуж, Дажжолларнинг чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг тушишлари, Имом Маҳдийнинг чиқиши кабилардир. Охирзамонга яқин одамларнинг бузилиб кетишлари, Аллоҳнинг динидан узоқлашиб, ораларида фитналар содир бўлиши, илмнинг ва илм аҳлининг исканжага олиниши, зилзила, тўфон каби офатларнинг кўпайиши, вақтдан барака кетиши, мол-дунё кўпайиб, садақа оладиган муҳтожнинг топилмаслиги, аёлларнинг кўпайиб кетиши кабилар қиёматнинг кичик аломатларидандир.

97. ва ҳақ ваъда яқинлашганда куфр келтирганларнинг кўзлари тўсатдан чақчайиб, айтишади: «Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик, аслида золимлардан эканмиз!».
Инсонлар қиёматнинг ҳақ эканини, ўша кунда барча махлуқот тирилтирилиб, дунё ҳаётидаги қилмишлари, барча амаллари ҳақида Парвардигор ҳузурида албатта ҳисоб-китоб қилинишларини билганларида бундай ғафлатда, гуноҳларга ғарқ бўлган аҳволда, хотиржам юришмас эди. Қиёмат Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир, у албатта қоим бўлажак! Ҳозирда унинг жуда кўп аломатлари инсонларнинг кўз ўнгида содир бўлиб турибди. Ҳақиқат шу бўлгач, унда инсонлар нега имонга келишмаяпти, Аллоҳнинг амрларини бажаришга киришишмаяпти? Қиёмат ҳақ бўлгач, инсонлар нега унга тайёргарлик кўришмаяпти, солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳга тоат-ибодатда бўлишмаяпти? Қиёмат бўлганида аҳволлари не бўлиши ҳақида нега фикр қилишмаяпти? Ўшал кунда куфр келтирганларнинг кўзлари осмонга қараганча чақчайиб қотиб қолади, ўзлари алам билан: “Энди ҳолимизга вой бўлсин, қиёмат ҳақидаги хабарлардан ғафлатда эканмиз, дунё ҳаётида бу ҳақда сўзлаганларга ишонмаган эканмиз, энди қиёмат қойим бўлиб, унинг ҳақ ваъда экани аён бўлиб турибди, биз имонсизлик қилиб, ўз жонига зулм қилган золимлардан бўлган эканмиз” деб, дод солишади, афсус-надоматлар чекишади. Аммо энди вақт ўтган, ортга қайтиб, хатоларни тузатиш имкони қолмаган бўлади.

98. Сизлар ва Аллоҳдан бошқага сиғинаётганларингиз ҳам дўзах ёқилғисидир. Сизлар унга албатта тушасизлар.
Эй мушрик ва кофир кимсалар! Эй бу дунёда Аллоҳдан ўзгага ибодат қилганлар! Сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сизлар сиғинган нарсалар ҳам - ҳаммангиз қўшилиб, энди жаҳаннамга ёқилғи бўласизлар ва унга албатта тушасизлар! Асбабун-нузул китобларида мазкур ояти кариманинг тафсири ҳақида ушбу ривоят келтирилган: Яҳёдан ривоят қилинади: “Йбн Аббос “Бир оят бор, у ҳақда ҳеч ким савол бермади. Билмадим, шу оятни яхши билганлари учун сўрамайдиларми ёки жоҳиллик қилибми?” деди. Мен “Бу қайси оят?” деб сўрадим. “Сизлар ва Аллоҳдан бошқага сиғинаётган нарсалар жаҳаннамнинг ёқилғисидир. Сизлар унга албатта тушасизлар” ояти нозил бўлгач, бу гап қурайшликларга оғир ботди. “У (пайғамбар) бизнинг илоҳларимизни ҳақорат қиляптими?” дейишди. Ибн Забъаро келганида унга ҳам шу гапларни айтишди. Ибн Забъаро “Нима деб ҳақорат қилди?” деб сўради. Улар: “Сизлар ва Аллоҳдан бошқага сиғинаётган нарсалар жаҳаннамнинг ёқилғисидир. Сизлар унга албатта тушасизлар” деяпти”, дейишди. У: “Муҳаммадни менга чақириб келинглар!” дейди. У зот келгач, “Эй Муҳаммад, сен айтаётган гап фақат бизнинг илоҳларимизга тааллуқлими ёки Аллоҳдан бошқа сиғиниладиган барча нарсалар учун умумийми?” деди. У зот: “Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳамма нарсалар учун умумий”, дедилар. Шунда Ибн Забъаро: “Мен ғолиб бўлдим, мана шу Каъбанинг Парвардигорига қасамки, сен фаришталарни солиҳ-итоаткор бандалар деб айтмайсанми? Исони солиҳ банда демайсанми? Бани Мулайҳликлар фаришталарга, насоролар Исога, яҳудийлар Узайрга ибодат қилишади-ку!” деди. Буни эшитган қурайшликлар қичқириб юборишди. Шунда Аллоҳ таоло “Биз томонимиздан яхшилик берилганлар, ана ўшалар ундан узоқ қилинурлар” оятини нозил қилди.

99. Агар ўшалар илоҳлар бўлганида унга тушмаган бўлишарди. Ҳаммаси у ерда мангу қолади.
Яъни, «Агар сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган анави нарсалар ҳақиқатда илоҳлар бўлганида дўзахга тушмас эди. Аммо улар ҳеч қачон илоҳ бўлган эмас, уларни сизлар «илоҳ» қилиб олгансиз, шунинг учун жаҳаннамга тушмоқда. Улар дўзахда абадий қолади». Ибн Ҳишом шундай ёзади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Валид ибн Муғийра билан бир мажлисда ўтирган эдилар. Шунда Назр ибн Ҳорис исмли бир кимса келиб қолди ва ўша ердагилар билан бирга ўтирди. Мажлисда бир неча қурайшликлар ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапираётганларида Назр ибн Ҳорис қарши чиқиб, эътироз билдирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам унга гапириб, оғзини очирмай қўйдилар. Сўнгра унга ва қурайшликларга юқоридаги оятларни ўқиб бердилар”. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга бирон нарсани шерик қилган ҳолда ўлса, дўзахга киради», деганлар. Мен: «Ким Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради», дейман» (Бухорий ривояти).

100. Уларга ўша ерда фақат дод-фарёд бор. Улар у ерда эшитишмайди.
Куфр ва ширк эгаларининг қисмати шу даражада аянчли бўлади-ки, улар дўзахга тушгач, қиладиган ишлари фақат дод-фарёд чекиш бўлиб қолади. Улар жаҳаннамнинг азоби кучлилигидан тинимсиз инграшади, дод солишади. Қулоқларига эса ҳеч бир гап кирмайди, улар бирон сўзни эшитишга, гапиришга қодир бўлмайди. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзахни зикр қилдилар ва ундан паноҳ сўрадилар. Сўнг юзларини уч марта орқага бурдилар ва: «Дўзахдан бир дона хурмонинг ярми билан бўлса ҳам сақланинглар. Уни ҳам тополмасангиз, ширин сўз билан», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Дўзахийлар азоб чекиб турган бир пайтда мўминларнинг ҳоли тамоман бошқача бўлади, улар жаннат боғларида роҳат-фароғатда юришган бўлишади:

101. Биз томонимиздан яхшилик берилганлар, ана ўшалар ундан узоқ қилинурлар.
Ояти каримадаги “яхшилик берилганлар”дан мурод, Аллоҳ таоло томонидан гўзал манзилат-мартаба берилган фаришталар, Исо ва Узайр алайҳимассаломдир. Исо ибн Марям ўттизга кирганида Аллоҳ таоло у кишига Инжилни нозил қилди ва у зот яҳудийларни Аллоҳнинг тавҳидига даъват қила бошлади. Узайр алайҳиссалом эса Ҳорун алайҳиссаломнинг авлодларидан саналади. Тавротни янгилагани, Бани Исроилга тегишли шариат ҳукмларини аслига қайтаргани учун Бани Исроилнинг Узайр алайҳиссаломга эътиқоди шу даражагача ортиб кетдики, уни ҳатто Аллоҳнинг ўғли деган даъвони қилишгача боришди. Аллоҳ таоло Исо ибн Марям ва Узайр алайҳиссаломларга Ўз ҳузуридан яхшилик берилгани ва уларнинг дўзахдан узоқ қилинишининг хабарини бермоқда.

102. Унинг чисирлашини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматлар ичра мангу қолувчилардир.
Яъни, «Аллоҳ томонидан яхшилик раво кўрилган, дўзахга яқинлашмайдиган мўмин бандалар ҳатто дўзах оловининг чисирлаган овозини ҳам эшитмайдилар. Агар эшитсалар, ичига кирмасалар ҳам қалбларини қўрқинч безовта қилар эди. Буни эса уларнинг нафси хоҳламас эди. Қиёмат куни улар ўзлари орзу қилган тўкин неъматлар ичида абадий роҳат-фароғатда бўлишади.

103. Уларни буюк даҳшат ғамга солмайди. Фаришталар уларни: «Бу сизларга ваъда қилинган кунингиздир» деб кутиб олишади.
Дунё ҳаётини имон билан, ҳидоятда ўтказган саодат аҳлини қиёмат кунининг даҳшат ва азоблари ғамга солмайди. Кофирларнинг кўзлари қўрқинчдан қотиб қолган ўшал кунда мўмин бандалар шод, беташвиш ҳолда бўлишади. Улар дўзах устига тортилган сиротдан бир марта ўтиб олишгач, қиёмат даҳшатларини ортиқ кўришмайди. Уларни фаришталар жаннат дарвозалари олдида “Мана шу сизларга Парвардигорингиз ваъда қилган кундир” деган сўзлар билан кутиб олишади. Мўмин бандалар қабрлардан турган пайтларида ҳам, жаннатга кирадиган чоғда ҳам фаришталар уларни ана шундай сўзлар билан қарши олишади. Аллоҳ таоло айтади: “Улар учун барча дарвозалари очиб кўйилган мангу жаннатлардир. Улар у жойларда суяниб ўтириб, мўл-кўл мева ва шароб чақиришади. Уларнинг олдиларида кўзлари ерга бок,қан тенгдошлар бўлур. Бу сизларга Ҳисоб куни учун ваъда қилинаётган нарсалардир” (Сод, 50-53).

104. Ўша кунда осмонни худди хат ёзилган саҳифани ёпгандек ёпамиз. Яратишнинг аввалини қандай бошлаган бўлсак, уни худди шундай қайтарамиз. Бу зиммамиздаги ваъдадир, уни албатта қилувчидирмиз.
Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, қиёмат соати кириши билан жамики осмонларни худди ҳисоб-китоб ишларини ёзиб бораётган киши ишини тугатиб, дафтарини ёпганидек ёпиб қўямиз. Дунёни ва ундаги махлуқотни олдин қандай осонлик билан яратган бўлсак, яна ўшандай осонлик билан ҳаммасини қайтадан пайдо қиламиз. Бу нарсалар қудрат ва яратишда ягона Парвардигорингизнинг зиммасидаги қатъий ваъдадир, Биз уни албатта амалга оширамиз, бунга ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Худди шу каби мўминларга жаннатни ваъда қилган бўлсак, улар албатта жаннатда мангу роҳат-фароғатли ҳаёт кечиришади, кофир ва мушрикларга дўзахни ваъда қилган бўлсак, уларни мангу азоб жойи бўлмиш дўзахга албатта ташлаймиз. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Жиноятчи (кофир)лар ёлғон дейдиган дўзах мана шудир. Улар ўша (дўзах) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланиб туришади. Демак, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини инкор қиласизлар? Парвардигори ҳузурида туришдан қўрққан киши учун икки жаннат бордир. Демак, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини инкор қиласизлар? (Раҳмон, 43-47).

105. Зикрдан сўнг Забурда ҳам: «Ерга фақат солиҳ бандаларим меросхўр бўлишади» деб ёзиб қўйганмиз.
Аллоҳ таоло тарафидан солиҳ бандаларга шундай ваъда берилганки, Парвардигорлари уларни дунёда ҳам, охиратда ҳам ғолиб ва музаффар қилади, дунё ерига ўшалар меросхўр бўлишади. Бу хабар самовий китоблар ва пайғамбарлар орқали эълон қилингандир. Довуд алайҳиссаломга нозил қилинган Забурда “содиқ ерга ворис бўлар экан” маъносидаги жумла бор. Ушбу хабарга мувофиқ Муҳаммад алайҳиссаломнинг содиқ умматлари узоқ муддатга қадар ернинг Шарқу Ғарбига самовий ҳукмронликни жорий қилишди. Иншааллоҳ, келажакда Исо алайҳиссалом замонларида ҳам бу башорат яна жилвасини кўрсатади. Муфассир уламолар, хусусан Абул Баракот Насафий, Абу Жаъфар Табарийлар ушбу ояти каримадаги «зикр» ва «ер» сўзларидан нима кўзлангани ҳақида икки хил фикр билдиришган. Баъзилари: «Зикр»дан мурод Тавротдир, шунга кўра оятнинг маъноси: «Биз Тавротдан сўнг Забурда ҳам: «Ерга фақат солиҳ бандаларим меросхўр бўлишади» деб ёзиб қўйганмиз» бўлади», дейишади. Бошқалари эса: «Зикр» деганда Лавҳул Маҳфузни тушуниш керак, бинобарин, «Аввал ўша маънони Лавҳул Маҳфузга ёзиб, кейин Забурга ҳам ёзган эдик» маъноси чиқади», дейишган. Оятдаги «ер» сўзи ҳақида баъзи муфассирлар «Оддий ер ёки Шом ерлари кўзда тутилган» дейишса, бошқалари «Жаннат ери назарда тутилган», дейдилар. Ушбу икки хил маънони қўшиб, ҳар иккиси ҳам кўзда тутилган, деса бўлади. “Солиҳ бандалар” деган жумлани Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматларидир деб тафсир қилганлар ҳам бор.

106. Бунда ибодат қилувчи қавм учун етарли ўгит бордир.
Аллоҳ таолонинг охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали бутун инсониятга дастур ўлароқ нозил қилган сўнгги Китоби Қуръони каримда Аллоҳга тоат-ибодатда бўлувчи қавм учун етарли равишда панду насиҳатлар, йўл-йўриқлар мавжуд. Ким ўз ҳаётини Қуръони карим ўгитлари асосига қура олса, ундаги амрларни бажарса, қайтарганларидан четда бўлса, у зафарга эришган, икки дунё саодатини қўлга киритган бўлади. Бу ўгитдан ҳимматлилар, яъни Аллоҳнинг ибодатига қаттиқ ихлос билан берилганлар албатта фойда топишади. «Ибодат» сўзи «тоат», «итоат қилиш» ва «Парвардигорни улуғлаш» маъноларини ўзида жамлаган. Шари-атда бажарилгани учун савоб бериладиган ва ният боғлиқ бўлган амал «ибодат» дейилади. Аллоҳ таолонинг амр-фармонларини ва Унинг Пайғамбари кўрсатмаларини бажариш, Парвардигор розилигини топиш ва Унга бандаликни адо этиш учун буюрилган намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш, дуо ва зикрлар айтиш, яхшилик ва эҳсонлар қилиш каби тоат-амаллар ибодатдир. Ибодатларнинг энг асосийси, энг улуғи, энг аҳамиятлиси намоздир. Иамоз Исро кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларидан (Мадина шаҳрига кўчишларидан) бир ярим йил олдин фарз бўлган. Беш вақт (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) намознинг фарзлиги Қуръон, суннат, ижмоъ билан жорий бўлган.

107. (Эй Муҳаммад), сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик.
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик», деяпти. Бу илоҳий хитоб, тенги йўқ эълоннинг қиёматга қадар яшаб қоладиган, барча замон ва маконларда тиловат қилинадиган мангу китобда зикр қилинишининг улкан маъноси бор. Унинг замонга боғлиқ кўлами рисолаи Муҳаммадиядан кейинги барча за-монлар ва тарихий босқичларни ўз ичига олади. Унинг маконга боғлиқ кўлами эса бутун дунёни ўз ичига олади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз Пайғамбарига “Биз сени Арабистон ярим оролига раҳмат қилиб юбордик”, деган эмас. Ёки шарққа, ғарбга, ёхуд бир қитъага, мисол учун Осиёга дегани йўқ. Балки У “сизни бутун оламларга раҳмат ўлароқ юбордик”, демоқда. Ҳақиқатда ушбу эълоннинг кенглиги, шомиллиги, улуғворлиги, олий мақомлилиги, бардавомлиги ва абадийлиги шундаки, бутун дунё тарихчилари, файласуфлари, доҳийлари ва оқиллари унинг қаршисида ҳайрону лол қолишмоқда. Аллоҳ таоло Одам Атодан бошлаб бандаларига бир уммат - бир динда бўлишлари учун юбориб келаётган пайғамбарлар сисиласини ҳазрати Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламда тугатди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният ўсиб-улғайиб, камолга етган пайтида мукаммал ва баркамол Ислом дини билан юборди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча оламларга раҳмат қилиб юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин, Қуръон, таълимотлар барча оламларга раҳмат-шафқатдир. Жамодот ва наботот оламига ҳам, ҳайвонот ва инсонлар оламига ҳам, яна бундан бошқа оламларга ҳам раҳматдир. Буни англаб олиш учун унча катта ақл шарт эмас, Ислом таълимотларига бир очиқ назар солишнинг ўзи кифоя.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Толиб Шом томонга чиқди. У билан Қурайш шайхлари ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар. Роҳиб масканига яқинлашганларида тўхташди. Юкларини туширишди. Роҳиб уларнинг ҳузурига чиқди. Бундан олдин ҳам унинг олдидан ўтишарди. Аммо у уларнинг ҳузурига чиқмас ҳам, илтифот қилмас ҳам эди. Улар юкларини тушираётганларида роҳиб келиб, ораларида айланиб юра бошлади. Охири келиб, Набий алайҳиссаломнинг қўлларидан тутди ва: «Бу оламларнинг саййидидир! Бу Оламлар Парвардигорининг элчисидир! Уни Аллоҳ оламларга раҳмат қилиб юборади!» деди. Қурайш шайхлари унга қараб: «Буни сен қаердан биласан?» дейишди. «Сизлар довондан ўтиб кела бошлаганларингизда бирорта ҳам дарахту тош қолмай барчаси унга таъзим қилди. Улар Набийдан бошқага таъзим қилмайди. Мен уни курак суяги пастидаги олмага ўхшаш нубувват муҳридан биламан», деди у. Сўнгра қайтиб бориб, уларга таом тайёрлаб келтирди. У келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туялар томон кетган эдилар. «Уни чақириб келинглар», деди у. У зот келаётганларида устларидан бир булут соя солиб келди. У зот қавм олдига яқинлашганларида улар соя жойларни эгаллаб олишган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирганларида дарахт устиларига эгилди. «Назар солинглар! Дарахт унинг устига эгилди!» деди роҳиб. У ўша ерда туриб, “Уни Рум тарафга олиб борманглар, агар улар уни кўришса, сифатидан таниб қолиб ўлдиришади”, деб ёлборар эди. Қараса, Рум томондан етти киши келмоқда. У уларни кутиб олди ва: «Йўл бўлсин?» деб сўради. «Анави набий шу ойда бу томонга чиқар эмиш, деб келдик. Ҳеч бир йўл қолмай ҳаммасига одам юборилди. Бизга унинг хабари келди. Бизни сенинг йўлингга юбордилар», дейишди. «Ортингизда сиздан кўра яхшироқлар борми?» деб сўради у. «Яхшилигимиз учун сенинг йўлингга танлашди бизларни», дейишди. «Айтинглар-чи, Аллоҳ ирода қилган ишни биров қайтара оладими?» деди. «Йўқ», дедилар. Шунда байъат қилишди ва бирга туришди. Сўнгра роҳиб қурайшликларга: «Айтинг, кимингиз унинг валийсисиз?» деди. Улар: «Абу Толиб», дейишди. Унинг тинмай ёлборишларидан кейин Абу Толиб у зотни қайтариб юборди» (Термизий ривояти).

108. «Менга “Илоҳингиз ягона Илоҳдир” деб ваҳий қилинмоқда. Энди мусулмон бўларсиз?!» денг.
Аллоҳ Ўз Расули Муҳаммад алайҳиссаломга «Менга юборилаётган ваҳийда фақат: «Илоҳингиз ягона Аллоҳдир» деб айтилади. Ундан бошқа ибодатга сазовор ҳеч бир зот йўқдир! Сизлар энди бунга бўйсунасизларми, мусулмон бўласизларми-йўқми?!» деб айтиш буюрилмоқда.
«Лаа илааҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) Ислом динининг энг биринчи асоси, тавҳиднинг шиоридир. Бу билан инсонлар Аллоҳ таолонинг ягоналигини, У ҳамма нарсанинг танҳо яратувчиси эканини, У бутун коинот ва жамиятдаги ҳамма нарсани кузатиб-бошқариб туришини, фақат Унинг Ўзигагина сиғинилиши, шукр ва ибодат қилиниши, амр-фармонларига итоатда бўлиниши лозимлигини англайдилар. Аллоҳ таоло айтади: «Ана ўша Парвардигорингиз Аллоҳдир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У ҳамма нарсани яратувчидир. Демак, Унгагина бандалик қилинглар!» (Анъом, 102);
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тавҳид Аллоҳ таолонинг бандалардаги ҳаққи эканини таъкидлаб, ундан айрилмасликка, ғафлатда қолмасликка чақирганлар. Демак, мусулмон киши ҳаётини тавҳид билан бошлаб, тавҳид билан тугатар экан, у бешик ва тобут орасидаги ҳаётида «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни ўзига бош шиор қилиб олиши керак. Бунинг учун у ихлос билан ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилиши, бутун таъзимни, севгини, тавозеъни ва улуҳиётни Аллоҳга йўналтириши, Аллоҳдан бошқа бирон нарсани ўз Парвардигори сифатида тан олмаслиги; Аллоҳдан ўзгани Аллоҳни севганчалик севмаслиги ва дўст тутмаслиги; Аллоҳнинг ҳукмини бошқа барча ҳукмлардан устун қўйиши; ҳар бир ишда, ҳар бир ҳолатда Аллоҳга таваккул қилиши зарур бўлади. Аллоҳнинг тавҳидига имон келтирган банда сохта маъбудларни инкор қилиши, уларга сиғинган, уларни дўст тутганлардан узоқлашиши, ширкнинг барча турлари ва даражаларидан сақланиши ҳамда унга олиб борадиган йўллардан эҳтиёт бўлиши лозим.

109. Агар юз ўгириб кетишса, айтинг: «Сизларга баробар эшиттирдим. Сизларга ваъда қилинаётган нарса яқин ёки узоқлигини билмайман;
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга яна шундай хитоб қиляпти: «Эй Пайғамбарим, агар сиз Аллоҳнинг динига чақираётган одамлар сўзларингизни эшитишмаса, ягона Илоҳга бўйинсуниш ҳақидаги чақириғингизни писанд қилмай, юз ўгириб кетишса, маҳзун бўлманг, тушкунликка тушманг. Чунки сизнинг вазифангиз уларга ваҳийларимизни етказиш ва азобимиздан огоҳлантириш, холос. Уларга шундай деб айтинг: «Имон масаласида ҳамма баробар бўлиши учун менга тушган ваҳийни ҳаммангизга тенг эълон қилдим. Ҳамма эшитиши керак бўлган нарсани эшиттирдим, кейин «Бизлар бундан бехабар эканмиз» деган даъвони қилмасликларингиз учун ҳаммангизга бор ҳақиқатни билдирдим. Куфр ва ширк аҳлига ваъда қилинаётган Аллоҳнинг азоби яқин орада етадими ёки бу ҳали узоқми, бу ҳақда менда ҳеч қандай маълумот йўқ, бунинг қачон келишини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жаннат ва дўзах ҳужжат талашиб қолди. Шунда дўзах: «Мен мутакаббирлар ва жабр қилувчи-лар билан устун бўлдим», деди. «Менга нима бўлди? Фақат одамларнинг заифлари ва ҳақирлари менга киришадими?» деди жаннат. Аллоҳ жаннатга: «Албатта, сен Менинг раҳматимдирсан. Сен билан истаган бандаларимга раҳм қиламан», деди. Ва дўзахга: «Албатта, сен Менинг азобимдирсан. Сен билан истаган бандаларимни азоблайман. Иккингиздан ҳар бирингизга тўлгунича бўлади», деди. Дўзах то Аллоҳ таборака ва таоло “оёғи”ни қўймагунча тўлмайди. Шундай бўлганда эса: «Етар, етар!», дейди. Ана ўшанда у тўлади ва унинг баъзиси баъзисига киришиб кетади. Аллоҳ Ўз махлуқотидан бирортасига зулм қилмайди. Жаннат учун эса, албатта Аллоҳ халқ пайдо қилади» (Бухорий ва Муслим ривояти).

110. У сўзнинг ошкорасини ҳам билади ва яшираётганларингизни ҳам билади;
Аллоҳ таолонинг билими ва қудрати шунчалар буюкки, У кофир ва мушрик кимсаларнинг ҳар бир қилмишини яхши билиб туради.
Ўша жоҳил ва нодонлар Аллоҳнинг Пайғамбари олиб келган таълимотларни назар-писанд қилмай, инкор этишаётганини ҳам, у зотнинг шаънига айтилаётган туҳмат-бўҳтонларни ҳам билади. Аллоҳга уларнинг ошкора сўзлари ҳам, яширинча тарқатаётган ёлғонлари ҳам очиқ-ойдиндир. Аллоҳ азза ва жалла ана шу билимига асосан ҳар бир бандага мукофот ёки жазо беради. Пайғамбарнинг даъвати-дан юз ўгириб кетганлар буни билиб қўйсинлар. Аллоҳ таоло айтади: “У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У яширин ва ошкора нарсаларни билувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир” (Ҳашр, 22).

111. билмайман, балки бу сизлар учун бир синов ёки бироз вақтгача фойдаланишдир».
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кофирларга қарата: «Билмайман, эҳтимол, бу сизлар учун синовдир ёки вақтинчалик имкониятдир» дейишлари буюрилмоқда. Яъни, «Сизларга азобнинг вақтинча келмай туриши сизлар учун эҳтимол бир синовдир, балки разолатдан ҳақ йўлга қайтишингиз учун қилинаётган яхшиликдир ёки бир муддат бу дунёнинг ҳузур-ҳаловатидан фойдаланиб олишингиз учун берилган вақтинчалик имкониятдир». Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига Аллоҳ таоло томонидан юклатилган омонатни, илоҳий рисолатни етказишни шараф билан бажардилар. Аллоҳ таоло юборган амрларни тўла-тўкис адо этдилар ва охирида бандаларнинг бундан кейинги ишларини Парвардигорнинг Ўзига ҳавола этдилар.

112. У: «Парвардигорим, Ўзинг ҳақ билан ҳукм қилгин. Парвардигоримиз Раҳмондир ва сизларнинг васфларингиздан мадад сўраладиган Зотдир», деди.
Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом шундай деяптилар: биз пайғамбарлар жамоалари кофирларнинг ботил иддаолари муқобилига Аллоҳ таолодан шуни сўраймизки, «Парвардигорим, мен омонатингни адо этдим, одамларга рисолатингни, таълимотларингни етказдим. Сен ҳидоятга келишларини ирода қилган бандаларинг мен олиб келган оятларга имон келтиришди ва икки дунё саодатини қўлга киритишди. Бошқа бир жоҳил ва гумроҳ тоифалар Сенинг ваҳийларингни инкор этиб, Сенинг азобингга учрашди. Сен бандаларга ниҳоятда меҳрибонсан, Раҳмон сифатли Зотсан, энди буларнинг оқибатлари ҳақида Ўзинг ҳақ билан ҳукм қилгин! Сенинг адолат ва карамингдан умидвормиз!». Сўнгра кофирларга хитоб қилиб: Парвардигоримизнинг Ўзи сизлар қилаётган нотўғри сифатлашлар учун келадиган азобдан қутулишда мадад сўраладиган ягона Зотдир», дедилар. Қуръони каримда шундай дейилган: “Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан кўрқинглар ва ҳар бир жон эртанги кун учун нима тақдим қилганига қарасин! Аллоҳдан кўрқинглар, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Ҳашр, 18).

Орқага Олдинга