Мадинада нозил бўлган, 129 оятдан иборат
Қуръони каримнинг ушбу тўққизинчи сураси Мадинада нозил бўлган, 129 оятдан иборат. Сурада Ислом шариатининг кўпгина ҳукм ва қоидалари, Исломнинг мушриклар ва Аҳли китобларга қандай муносабатда бўлиш лозимлиги ҳақидаги қатъий ҳукмлари, Пайғамбар алайҳиссалом ғазотга даъват қилганларидаги кишилар руҳияти қамраб олинган. Унинг охирида Аллоҳ мўминларнинг тавбаларини қабул этиши эълон қилингани учун ҳам сура Тавба деб номланган.
Бу сура Китобдаги бир юз ўн тўрт сура ичида «Бисмиллоҳ»сиз бўлгани билан ажралиб туради. Пайғамбаримизга буюрилмагани учун бу муборак сура бошланишида "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм" келмаган. "Кашшоф" тафсирида ёзилишича, Аллоҳнинг исми Салом (тинчлик ва омонлик)дир, бу сурада уруш ва имонсизликни улоқтириб ташлаш ҳақида сўз боргани учун "Бисмиллаҳ" ёзилмаган. Имом Бухорийнинг айтишларича, мазкур сура энг охирида туширилган. Тавба сурасининг "Бароат", "Азоб сураси", "Мубосира" каби бир неча номлари бор.
1. (Эй мўминлар), бу мушрикларнинг сизлар билан аҳдлашганларига Аллоҳдан ва Пайғамбаридан ора очиқлиги эълонидир.
Ояти каримадаги “ора очиқлиги” деб таржима қилинган “бароат” сўзининг “аҳдни узиш, орани очиш” маънолари бор. Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Абу Бакр Сиддиқ бошчиликларидаги мусулмонлар ҳаж қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунда Макка мушриклари билан тузилган биринчи аҳдномани бекор қилиш учун Али ибн Абу Толибни вакил қилиб юбордилар. Ибн Исҳоқ шундай ёзади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рамазон ойининг қолган кунлари, шаввол ва зулқаъдани ўтказгандан кейин тўққизинчи йили Абу Бакр Сиддиқни амир қилиб мусулмонларни ҳажга юбордилар. Улар ўз ҳажларини, мушриклар ўз ҳажларини адо этадиган бўлишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва мушриклар ўртасидаги “Ким Байтуллоҳга зиёрат учун келса, ундан тўсилмаслиги, ҳаром ойларда ҳеч кимнинг хавфсирамаслиги” ҳақидаги аҳдни бузиш хусусида Бароат сураси нозил бўлди. Мазкур аҳд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва ширк аҳли ўртасидаги умумий аҳд эди. Бундан ташқари, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва араб қабилалари ўртасида ҳам маълум муддатга тузилган аҳдлар ҳам бор эди”.
2. (Эй мушриклар), энди ер юзида тўрт ой сайр қилаверинглар, билингларки, Аллоҳни ожиз қолдиролмайсизлар ва Аллоҳ албатта кофирларни хор қилувчидир.
Ушбу сўзларни Аллоҳ таоло аҳдномаларнинг амалдан қолиш муддатини тайинлаб, мушрикларга хитоб қилиб айтяпти. Бу муддат тўққизинчи ҳижрий сана зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланиб, рабиъул-охир ойининг ўнинчи кунигача давом этади. Шунда зулҳижжа ойидан йигирма кун, муҳаррам, сафар ва рабиъул-аввал ойлари тўлиқ, рабиъул-охир ойидан ўн кун бўлади. Мана шу муддат чиққанидан кейин Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан аҳдномага амал қилиш тўхтатилади. Бу «ора очиқлиги» эълонидир. Унгача, яъни тўрт ойгача сизга ҳеч ким тегмайди, ер юзида бемалол юраверишингиз мумкин. Юрсангиз юраверингу, аммо Аллоҳни ожиз қолдира олмайсиз. Исломга ва мусулмонларга душманлик қилишни хоҳласангиз ҳам буни уддалай олмайсиз, чунки Аллоҳ кофир ва мушрикларни шарманда қилувчидир.
3. Бу Аллоҳ ва Пайғамбаридан одамларга "ҳажжул акбар" кунидаги билдирувдир. Аллоҳ ва Пайғамбарининг мушриклар билан оралари очиқдир. Энди тавба қилсанглар, ўзларингизга яхшироқдир, агар юз ўгирсанглар, билингларки, Аллоҳни ожиз қолдиролмайсизлар. (Эй Муҳаммад), кофирларга қаттиқ азоб ваъдасини бераверинг.
Оятдаги “бариъун” сўзи ҳам “бароат”дан бўлиб, “ора очиқлиги” маъносидир. Бу ерда зикр этилаётган ора очиқлиги фақат икки томонга тегишли эълон эмас, балки ҳаммага тааллуқлидир. Мусулмонлар бошқа миллат ва эътиқоддаги кишилар билан алоқаларни яхшилаш учун ҳамма ишни қилиб кўришди: бир-бирларининг эътиқодларига аралашмаслик таклиф қилинди, аммо кўнишмади, ҳижрат қилинди, нафи тегмади. Мадинада яҳудийлар, Ҳудайбияда мушриклар билан аҳдномалар тузилди, аммо улар бу аҳдномаларни бузиб, мусулмонларга қарши душманлик қилаверишди. Ҳеч нарса фойда бермаганидан кейин Қуръони карим оятидаги “бароат” – ора очиқлик эълон қилинди. “Ҳажжул акбар” – улуғ ҳаж, дегани. Ҳанафий олимлардан Алиюл Қорийнинг “Мишкатул масобийҳ”га ёзган шарҳи “Мирқотул мафотийҳ”да бу ҳақдаги бир неча фикрларни келтириб, “Буларнинг ичида энг машҳури – Арафанинг жума кунига тўғри келишидир”, деганлар. Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса бундай келган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Ҳажжул акбар куни ҳақида сўрадим. “Ийд куни”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Бу суранинг илк оятлари бир неча араб қабилалари ҳақида тушган. Юқоридаги оятларда баён қилинишича, мусулмонлар мушриклар билан аҳднома тузишган, аммо унинг муддати белгиланмаган эди. Уларга эълон қилиняптики, сизлар билан энди янги аҳдлашув бўлмайди, уруш ҳаром қилинган тўрт ой сизларга муҳлат қилиб берилади, шу муддат ичида мусулмон бўлишингиз керак, акс ҳолда юртдан чиқиб кетинглар ёки жангга тайёргарлик кўринглар. Шуни яхши англаб олингларки, Аллоҳни асло ожиз қолдира олмайсизлар, У кофирларнинг дунё ва охиратини хароб қилади. Бундан ташқари аҳднома қилинмаган бошқа қабилаларга ҳам бунга тўрт ой муҳлат берилди. Бу ва қуйида келадиган бир неча оятларни Ҳазрати Али (Аллоҳ юзларини карамли қилсин) ҳижрий тўққизинчи йил ҳаж мавсумида (милодий 631 йил февралида) барча қабилаларга ўқиб эшиттирганлар.
4. (Эй мўминлар), сизлар билан аҳдлашганларидан кейин аҳдларини бузмаганлари ва сизларга қарши ҳеч кимга ёрдам бермаганлари бундан мустасно, шулар билан аҳдномани муддати тугагунча давом эттираверинглар. Аллоҳ албатта тақводорларни яхши кўради.
Бу ояти карима мусулмонлар билан аҳдлашганида унга қаттиқ вафо қилган, аҳдноманинг бирор жойини бузмаган ва Ислом душманларига ёрдам кўрсатмаган қабилалар ҳақидадир. Мусулмонлар ҳам уларга берган аҳдларига риоя қилишади, эҳтиром кўрсатишади, муддати тугагач, улар билан ҳам бошқалар каби муомала қилинади.
Мазкур оятда Бани Бакр ибн Канона қабиласининг Бани Хузайма ибн Омир уруғи ҳақида гап кетмоқда. Бу мушрик қавм Қурайш тарафида туриб мушриклар билан мусулмонлар ўртасида тузилган Ҳудайбия сулҳига қўшилган эди. Ўн йилгача мусулмонларга қарши урушмаслик, уларга қарши бировга ёрдам бермаслик ва бошқа мажбуриятларни зиммасига олган эди. Ҳудайбия сулҳидан икки йил ўтар-ўтмас барча мушриклар аҳдномани бузишди, аммо Бани Хузайма ибн Омир уруғи аҳдларида собит туришди. Шунинг учун, улар гарчи мушрик бўлишса ҳам, Аллоҳ уларнинг амалларини тасдиқлаб, алоҳида оят туширди. Умумий ҳукмдан уларнинг ҳукмини истисно қилди. Ислом уларнинг аҳдга вафосини юқори тақдирлади. Ислом даъвати учун ниҳоятда хатарли бир пайтда, чор атрофдан, ичкаридан душманлар таҳдид солиб турган бир шароитда улар ўзаро тузилган ўн йиллик сулҳни охиригача етказишга қарор қилишди.
5. Ҳаром ойлар тугаса, мушрикларни кўрган ерингизда ўлдиринглар, асир олинглар, қамал қилинглар ва ҳамма жойда таъқиб этинглар. Агар тавба қилишса, намоз ўқишса ва закотни беришса, тинч қўйинглар. Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир.
Уруш, қон тўкиш ҳаром қилинган тўрт ой ичида мушриклар аҳдномага амал қилишса, эътиқодларини ўнглашса, уларга тегилмайди. Бордию уни бузишса, уларга ҳар томондан ҳамла қилинади: кўрилган ерда ўлдирилади, асир олинади, қамал қилинади ва тинмай таъқиб қилинади. Мўминларга буюриляптики, мусулмонликнинг очиқ аломати шаҳодат калимасини айтгандан кейин намоз ўқиш ва закотни беришдир. Уруш ҳаром қилинган тўрт ой тугаши билан мушрикларга барча жабҳаларда қарши туринглар, ҳамма жойда таъқиб этинглар. Агар тавба қилиб, намоз ва закотни адо этишса, уларни ўз ҳолларига тинч қўйинглар.
6. (Эй Муҳаммад), агар мушриклардан бирортаси сиздан омонлик сўраса, унга омонлик беринг, у Аллоҳ Каломини эшитсин. Сўнгра уни тинч жойига етказинг. Бу билмайдиган қавмларга тааллуқлидир.
Аллоҳнинг динига зўрлаш йўқ, ҳатто мушриклар ҳам мусулмонлар ҳузурига омонлик сўраб келишса, уларга зиён-заҳмат етказилмайди. Уларга Қуръон ўқиб эшиттирилади, ҳақ йўлга чорланади, Аллоҳнинг дини моҳияти тушунтирилади. Бир инсон Ислом эътиқодидан бехабар бўлсаю, ҳақни ахтариб ва ширкдан қутилишни ўйлаб мусулмонлар олдига келса, уни ҳимояга олиш, Қуръони каримни эшиттириш ва Ислом даъвати билан таништириш керак бўлади. Агар буни қабул қилмаса, унга ҳеч қандай зарар етказмай келган жойига элтиб қўйилади.
7. Қандай қилиб мушрикларда Аллоҳ наздидаги ва Пайғамбари наздидаги аҳднома бўлсин?! Аммо сиз билан Масжидул-Ҳаром олдида аҳдлашганлар тўғри туришса, сиз ҳам уларга тўғри бўлинг, Аллоҳ албатта тақводорларни яхши кўради.
Аллоҳга ишонмаган, Унга тоат-ибодатда бўлмаган, Аллоҳ юборган Пайғамбарнинг рисолатини эътироф этмаган мушриклар учун Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, Унинг Расулининг ҳузурида ҳам ҳеч бир аҳднома бўлиши мумкин эмас. Аҳду паймон уларнинг фақат бир тоифасига, яъни мусулмонлар билан Масжидул Ҳаром олдида, яъни Ҳудайбияда аҳдлашган мушрикларгагина бўлиши мумкин. Агар улар аҳдларида туришса, мусулмонлар ҳам аҳдларида турадилар. Фақат юқорида зикр этилган Бану Хузайма ибн Омир қавмигина аҳдига вафо қилган эди. Улар аҳдларида туришган экан, мусулмонлар ҳам берган аҳдларига вафоли бўлишлари шарт. Чунки Ислом – аҳдга вафо динидир. Чунки «Аллоҳ албатта тақводорларни яхши кўради». Аҳдга вафо қилиш эса тақводорларнинг сифатларидан бири ҳисобланади. Лекин аҳдга вафо қилишнинг ҳам ўзига яраша чегараси бор. Аҳдга вафо деб номланган яхшилик мусулмонларга нисбатан зарар келтирадиган нарсага айланиб ҳам қолмаслиги зарур.
8. Қандай аҳднома бўлсинки, агар сизлардан устун келиб қолишса, на аҳдга, на бурчга қарашади?! Тилларида сизларни рози қилишадию диллари кўнмайди, уларнинг аксарияти итоатсизлардир.
Куфр ва ширк аҳли ҳеч қачон ваъдасига вафо қилмайди, берган аҳдини истаган пайтда бузаверади. Бунинг сабаби, улар Аллоҳга ҳам, Унинг Пайғамбарига ҳам ишонишмайди, улар учун ҳеч бир муқаддас нарса қолмаган. Шунинг учун улар тилларида мусулмонларга хайрихоҳлигини изҳор қилиб турса ҳам, дилларида уларга бирор зарар етказиш, уларни ҳақ йўлдан чалғитиш мақсади бўлади, холос. Уларнинг аксарияти Аллоҳнинг ваҳийларига, амр-фармонларига мутлақо итоатсиздир. Шунинг учун мусулмонлар бундай кимсаларнинг берган ёлғон ваъдаларига ва аҳдномаларига алданиб қолмасликлари зарур.
9. Улар Аллоҳ оятларини арзон баҳолаб, кўпларни Унинг йўлидан тўсишди, уларнинг бу ишлари ниҳоятда ёмон бўлди!
Юқоридаги оятда тавсифланган кимсалар Аллоҳнинг оятларини жуда арзон баҳолашди, яъни дунёда саодат, охиратда нажот бўлган илоҳий амрларни дунё ҳаётининг вақтинчалик арзимас матоҳларига алмаштириб юборишди. Бу қилмишларининг устига устак улар Аллоҳнинг динига эргашган мўмин-мусулмонларни ҳидоят йўлидан тўсиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишди, бу йўлда улар ҳеч қандай ҳийла-найранг ва қабиҳ фитналардан қайтишмади. Улар дунёдан мўминларни бопладик, деб ўзларини алдашмасин: уларнинг оқибатлари, охиратда эришажак қисматлари ниҳоятда аянчлидир. Уларнинг мангу азоб жойи бўлмиш дўзах қийноқлари кутиб турибди.
10. Улар мўминлар хусусида на аҳдга, на бурчга риоя қилишади, ана шулар ҳаддан ошганлардир.
Мўминлар шундай кимсаларга ишониб, яхши муомалада бўлса ҳам, чиройли муносабат кўрсатса ҳам, куфр ва ширк эгалари мўминларга асло яхшиликни раво кўришмайди. Чунки уларнинг дилида мўминларга нисабатан ғараз, нафрат ва ҳасад каби иллатлар ўрнашиб олган. Шу боис, улар мўминларга берган ваъдаларини осонгина бузишади, ўртадаги аҳдномаларга риоя этишмайди, кўпинча уларга нисбатан душманлик кайфиятида бўлишади. Чунки улар Аҳҳлоҳ белгилаган ҳад-чегараларни бузиб, бузғунлик йўлига кирган нодонлардир.
11. Агар улар тавба қилишса, намоз ўқиб, закотни беришса, дин қардошларингиз бўлишади. Билувчи қавмларга оятларимизни батафсил баён қиламиз.
Эй мўминлар, бордию улар қилмишларига тавба қилиб, намоз ўқишни бошлашса, нисоби етган молларидан закотини беришса, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат этишса, бу ҳолда уларга асло душманлик қилманглар, улардан қасос олишга ёки бирор жиҳатдан зарар етказишга шошилманглар. Чунки улар энди сизларнинг дин қардошларингизга айланишди. Гуноҳларига тавба қилиб, ҳидоят йўлига кирганларни Аллоҳ хоҳласа, Ўз мағфирати ва раҳмати билан чулғаб олади. Бунинг моҳиятини англай оладиган қавмларга Аллоҳ оятларини мана шундай батафсил баён этиб берган.
12. Агар аҳдларидан кейин уни бузишса, динингизга маломат қилишса, куфр сардорлари билан жанг қилинглар. Шояд ёлғон аҳдларидан қайтишса!
"Куфр сардорлари" Қурайш қабиласининг кофирлари эди, уларни кўриб бошқа қабилалар ҳам куфрга эргашишарди. Улар на қасамларига, на берган аҳдларига риоя қилишарди. Уларга қарши урушингларки, шунда шояд эс-ҳушларини йиғиб, гуноҳларидан қайтишса! Аллоҳ таоло мўминларга аҳдга вафо қилишни буюрган, аҳдни бузишни оғир гуноҳлар қаторида санаган. Қуръони каримда шундай дейилган: “Аҳдга вафо қилинглар, зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир” (Исро, 34). Заҳҳок айтади: “Аллоҳ таоло бу умматдан ҳалол-ҳаром қилинган, намоз каби фарз этилган нарсаларга ва бошқа аҳдларга вафо қилишга аҳду паймон олган. Аҳдлар ҳам шу каби бўлиб, Аллоҳ фарз қилган муҳкам нарсалардандир. Бирон бир ҳолатда ҳам уни бузишга йўл йўқ”. Аммо Қурайшнинг куфр келтирган сардорлари аҳдларига хиёнат қилишди.
13. Аҳдларини бузган, Пайғамбарни ватанидан ҳайдашга қасд қилган ва душманликни биринчи бошлаган қавм билан урушмайсизларми, улардан қўрқасизларми?! Агар мўмин бўлсанглар, қўрқишга лойиқ Аллоҳдан қўрқинглар!
Қурайш қабиласи кофирлари берган аҳдларини бузганларидан кейин севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни она шаҳарлари Маккаи мукаррамадан ҳайдаб чиқаришга кўп уринишди. Охири Сарвари олам ҳижратга жўнадилар ва шу тариқа мушриклар аҳдномани биринчи бўлиб бузишди. Бу оятда Аллоҳ таоло саҳобаларга аҳдга вафосиз мушриклар билан жанг қилишни буюряпти, улардан асло қўрқмасликни, ҳар бир мушкулни осон қилувчи, дунё ва охират саодатига эриштирувчи Аллоҳдангина қўрқишни таъкидлаяпти.
Ибн Исҳоқ шундай ёзади: “Сўнг Аллоҳ Ўз Пайғамбарига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) алоҳида аҳдлашиб уни бузган мушриклар ҳамда умумий аҳдга кирган мушрикларга қарши муҳлат қилиб берилган тўрт ойдан кейин жанг қилишга буюрди. Лекин ким муддатидан олдин адоват қилса, аҳди бекор қилиниб, у адовати эвазига ўлдирилади”.
14. Улар билан жанг қилинглар! Сизларнинг қўлингиз билан Аллоҳ уларни жазолайди, хор қилади, уларга қарши сизларга ёрдам беради ва мўмин қавмнинг дилларига малҳам солади;
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ишонмаган, итоатсизлик кўрсатиб, Унинг оятларини инкор қилган жоҳил кимсаларга қарши жанг қилишни амр этмоқда. Чунки бу нодонларни Аллоҳ мусулмонларнинг қўли билан жазолайди, уларни хорлик ва шармандалик сари йўллайди. Мўминлар улар билан тўқнашишдан қўрқишмасин, чунки Аллоҳ уларга қарши курашда ҳамиша мўминлар томонида бўлади, куфр ва ширкка қарши курашда уларга ёрдам беради. Бордию Ўзининг иродаси билан мўминлар жангда мағлубият аламини тотгудай бўлишса, шунда ҳам Аллоҳ мўминлар қалбига тасалли ва малҳам беради, дилларидан алам-ғуссаларини кетказади.
15. ва дилларидаги ғуссани кетказади. Аллоҳ хоҳлаганининг тавбасини қабул қилади, Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир.
Мўминларнинг ғолиб, кофирларнинг мағлуб бўлиши, Исломнинг устун келиб, куфрнинг қулаши туфайли баъзи мушрикларнинг кўзи очилиб, имонга келиши мумкин. Шундай бўлса, нур устига нур бўлади. Мўминларнинг уларга қарши уруш олиб боришдан мақсадлари ҳам шу! Улар одамлар имонга келсин, Аллоҳдан ўзгасига қуллик қилмасин, деб кураш олиб боришади. Агар мушриклар имонга келишса, Аллоҳ уларнинг тавбасини албатта қабул қилади. Чунки У Зот бандаларининг барча қилмишларию дилларидаги ният-мақсадларигача яхши билиб турувчи ҳикмат эгасидир.
16. (Эй мўминлар), жиҳод қилганингизни, Аллоҳдан ва Пайғамбаридан бошқани дўст тутмаганингизни билмайдигандек Аллоҳ ўз ҳолингизга ташлаб қўйишини ўйладингизми? Аллоҳ барча ишларингиздан хабардордир.
Жиҳоднинг шаръий бўлиши ҳикматларидан бири шуки, у туфайли ҳақиқий мўмин билан тилидагина имон келтирганлар бир-биридан ажралиб қолади. Аллоҳнинг мусулмонларга жиҳодни буюришдан иродаси Ўзининг йўлида моли ва жонини нисор қилувчи, Аллоҳ ва Унинг Расулидан бошқаларни ўзларига йўлбошчи қилмайдиган мусулмонларни аниқлаб олиш эди. Агар жиҳод бўлмаса, тилидагина мусулмон бўлганлар аён бўлмасди, шунинг учун Аллоҳ ҳамиша мусулмонлар имонини синовдан ўтказиб туради.
17. Ўзларининг кофирликларига гувоҳлик бературиб мушрикларга Аллоҳ масжидларини обод қилиш ярамайди. Уларнинг амаллари беҳуда ва дўзахда абадий қолишади.
Муфассирлар шундай дейишган: “Бадр куни Аббос (ибн Абдулмутталиб) асирга тушгач, мусулмонлар унинг кофир бўлгани ва қариндошчиликни узганини айтиб айблашди. Али ҳам қаттиқ гапларни айтди. Шунда Аббос: “Нега фақат ёмонликларимизни гапиряпсизлару яхшиликларимизни эсламаяпсизлар ҳам?” деди. (Ҳазрати) Али унга: “Ҳали сизнинг яхшилигингиз ҳам борми?” деди. Аббос: “Ҳа, биз Масжидул-Ҳаромни обод қиламиз, Каъбага пўш (ёпқич) ёпамиз, ҳожиларга сув улашамиз, қийналганларга ёрдам берамиз”, деди. Шунда Аллоҳ Аббосни рад этиб, ушбу оятни нозил қилди”. Яъни, Аллоҳга куфр келтирган кимсаларнинг бирорта яхши иши инобатга ўтмайди, бари ҳабатадир.
18. Аллоҳнинг масжидларини албатта фақат Аллоҳга, қиёмат кунига имон келтирганлар, намозларини адо этадиган, закотларини берадиганлар ва Аллоҳдангина қўрқадиганлар обод қилишади. Ана шундайларгина ҳидоят топишлари мумкин.
Ушбу ояти каримадаги “масжидларни обод қилиш” жумласининг маъноси анча кенг: уларни моддий жиҳатдан безатиш, тоза-покиза тутиш ва керакли жиҳозлар билан таъминлаш, ободончилигидан ташқари уни маънавий жиҳатдан обод қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Маънавий обод қилишга эса уларда мунтазам жамоат билан намоз ўқиш, илм мажлислари ташкил этиш, одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш, эътикоф ўтириш каби Аллоҳ розилиги учун қилинадиган солиҳ амаллар киради. Аллоҳнинг уйи бўлмиш масжидларни Аллоҳга ва охират кунига имон келтирганлар, намозларини барча арконларига риоя этиб, ўз вақтида адо этадиган, закотларини ҳақдорларга берадиган, Аллоҳдан қўрқувчи тақволи мўминларгина обод қилишади. Абу Саид Худрийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Масжидни обод қиладиган кишини кўрсангиз, унинг имонига гувоҳ бўлинг. Аллоҳ таоло “Аллоҳнинг масжидларини албатта Аллоҳга ва охират кунига имон келтирганларгина обод қилишади”, деган” (Имом Термизий ривояти).
19. (Эй мушриклар), ҳожиларга сув улашиш ва Масжидул-Ҳаромни обод қилишни Аллоҳга, қиёмат кунига имон келтирган ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилганлар хизматига тенг қиляпсизларми? Булар Аллоҳ ҳузурида тенг эмаслар, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмайди.
Ҳасан, Шаъбий ва Қуразийлар айтишади: “Ушбу оят Али, Аббос, Талҳа ибн Шайба ҳақида нозил бўлган. Улар ўзаро мақтаниб қолишади. Талҳа “Мен Байтнинг нозириман, унинг калити ва ёпқичи менда туради”, дейди. Аббос эса “Мен ҳожиларга сув улашаман”, дейди. Шунда Али: “Сизлар нима деяётганингизни билмайману аммо мен одамлардан олти ой олдин намоз ўқиганман ва жиҳод қилганман”, дейди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди”. Ояти каримадан шундай ҳикмат аён бўляптики, ким инсоният бахту саодати ёки юрт равнақи йўлида нечоғли улуғ ва керакли ишларни қилмасин, агар у Аллоҳга ва охират кунига имон келтирмаган бўлса ёки Аллоҳ йўлида жанг қилувчилар тоифасидан бўлмаса, Аллоҳ ҳузурида унинг даражаси мўминлар ва мужоҳидлар билан асло тенг бўлмайди.
20. Имон келтириб ҳижрат қилганлар ва Аллоҳ йўлида молларию жонлари билан жиҳод қилганлар Аллоҳ ҳузурида улуғ даражададирлар, ўшаларгина ютуққа эришишади.
Бир неча саҳобалар Масжиди Набийда (Мадинадаги Пайғамбаримиз масжидларида) ўлтириб, Исломдан кейинги қайси амалнинг афзаллиги ва даражаси улуғлиги ҳақида баҳслашиб туришганида Умар ибн Хаттоб уларни тўхтатдилар. Жума намозидан сўнг Пайғамбаримиздан бу ҳақда сўрашганида бир неча ояти карима туширилди.
Маъмар ибн Башир айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарлари олдида эдим. Бир киши “Ҳожиларга сув улашганимдан кейин бирорта амал қилмасам ҳам бўлаверади”, деди. Бошқаси “Масжидул-Ҳаромни обод қилганимдан кейин бирорта амал қилмасам ҳам бўлаверади”, деди. Яна бири эса “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш сизлар айтаётган нарсадан афзалроқдир”, деди. Шунда Умар (розийаллоҳу анҳу): “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарлари олдида овозингизни кўтарманг. Бугун жума куни, намоз ўқиб бўлгач, кириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сизлар тортишаётган нарса ҳақида сўрайман”, деди ва кейин сўраб чиқди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди” (Имом Муслим ривояти).
21. Парвардигорлари уларга Ўз раҳмати, розилигини ва доимий неъматларга тўла жаннатини ваъда қиляпти;
Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтириб, икки дунё саодатини қўлга киритган мўминларга Парвардигорлари томонидан бўлган илоҳий раҳмат, Унинг розилиги ва мўминлар охират дунёсида мушарраф бўладиган неъматларга тўла жаннатлар ваъда қилинмоқда. Чунки улар имонга келганларидан сўнг Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашиб, Мадинага ҳижрат қилишди, У Зотнинг розилигига эришиш учун молларию жонларини Аллоҳнинг дини ғолиб бўлиши йўлида аямай сарфлашди. Чунки мўмин киши учун Аллоҳнинг розилигига эришишдан олий бахт, улуғ неъмат йўқлигини улар жуда яхши билишади.
22. улар унда абадий қолишади. Албатта буюк мукофотлар Аллоҳ ҳузуридадир.
Йигирманчи оятда уч нарса: имон, жиҳод, ҳижрат зикр қилинган эди. Бу уч нарсага уч нарса: Аллоҳ раҳмати, розилиги ва жаннатда абадий қолиш башорати бериляпти. Дарҳақиқат, имонга келиб, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб Мадинага кўчган мусулмонларга Аллоҳ томонидан ваъда қилинган ана шу уч нарсанинг башорати бериляпти. Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: “Парвардигорларидан қўрққан тақволи зотлар гуруҳ-гуруҳ ҳолда жаннатга бошлаб борилади. Улар унинг очиқ ҳолдаги дарвозаларига етиб келишганида ва унинг қўриқчилари “Сизларга салом бўлсин, хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринглар!” деганларида (улар беҳад хурсанд бўлишади)” (Зумар, 73).
23. Эй мўминлар, агар имондан куфрни устун кўришса, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни дўст тутманглар! Сизлардан ким уларни дўст тутса, золимлардан бўлади.
Юқоридаги оятларда жиҳод билан ҳижратнинг фазилатлари баён қилиб ўтилди. Лекин кўпинча инсонларга бу фазилатлардан кўра ота-она, яқинлар ва қариндошларнинг муҳаббати устунроқ кўринади. Шунинг учун Аллоҳ таоло мусулмонларни бу нарса монеъ бўлиб қолмасин, дея огоҳлантиряпти. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга таъкидлаяптики, агар ота-она ва яқинларингиз имондан четда бўлишса, улар билан алоқа ва муомала давом этаверадию, аммо қалбларингиз уларнинг куфрини асло қабул қилмаслиги лозим. Чунки Ислом ақидаси учун соф қалб керак. Ақида мусаффо қалбдан жой олиши учун эса ундан бошқа барча манфаатлар узилиши лозим, яъни имон, эътиқод, дину диёнат масаласи ҳамма нарсадан устун қўйилиши керак. Аллоҳнинг ушбу кўрсатмаларидан чекинсангиз, унда золимлардан бўлиб қоласиз, яъни ўз жонингизга зулм қилган бўласиз.
24. (Эй Муҳаммад): "Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, топган молингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз, ёқтирган масканларингиз Аллоҳдан, Пайғамбаридан ва Унинг йўлидаги жиҳоддан севимлироқ бўлса, унда Аллоҳ Ўз амрини келтиргунча кутаверинглар, Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоятга бошламайди", денг.
Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига буюряптики, сиз билан ҳижрат қилишдан кўра Маккада қолишни афзал кўрган мусулмонларга айтинг: “Агар ота-оналарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, аҳли аёлларингиз, қавми-қариндошларингиз, қийинчилик билан топган мол-дунёингиз, касод бўлиб қолишидан ҳамиша қўрқиб турган тижоратларингиз, яшаб турган ҳовли-жойларингиз Аллоҳдан Унинг Пайғамбаридан, Аллоҳ йўлида жанг қилишдан ҳам сизларга севимли бўлса ва булардан узила олмасангиз, у ҳолда Аллоҳнинг амр (азоб) юборишини кутаверинглар. Аллоҳ бундайин итоатсиз қавмни ҳидоятга бошламайди”. Бу оят Мадинага ҳижрат қилмай, Маккада қолган мусулмонлар ҳақида нозил бўлган. “Аллоҳ Ўз амрини келтиргунча кутаверинглар” жумласидаги “Аллоҳнинг амри”дан мурод, жанг қилиш ва Макка фатҳидир.
25. (Эй мўминлар), ҳақиқатда Аллоҳ кўп жойларда сизларни ғолиб қилди, Ҳунайн куни ҳам. Ўшанда кўпчилик эканингиз сизларни ғурурга кетказган, аммо бу фойда бермаган эди. Шундай кенг дунё сизларга торлик қилиб қолди, ортга қарамай қочдинглар.
Макка фатҳидан кейин кўп ўтмай мусулмонлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошчиликларида Ҳунайн водийсида бўлган ғазотга чиқишди. Икки томон тўқнашгач, аёвсиз жанг бўлди. Йигирма минг кишилик душман қўшини Пайғамбаримиз бошчиликларидаги ўн икки минглик мусулмон қўшинига ҳужум қиларкан, у зотнинг бир ўзлари душманга ҳамла қилдилар ва “Мен ёлғончи пайғамбар эмасман, мен Абдулмуттолибнинг зурриётиман” деб ҳайқирдилар ва қиличларини ҳавода айлантириб, отларини шитоб билан душман устига ҳайдадилар. Бошқа мусулмонлар душманнинг кўплигидан ваҳимага тушиб, тумтарақай қочишди. Пайғамбаримизнинг амакилари ҳазрати Аббос (розийаллоҳу анҳу) қочаётган саҳобаларга қараб баланд овозда: “Эй саҳобалар, эй Аллоҳнинг Расулига сўз берганлар, Расулуллоҳнинг бир ўзлари душманга қарши жанг қилаётганларида сизлар қаерга қочяпсиз? Расулуллоҳ манави ердалар!” деб қичқирдилар. Бу овозни эшитган саҳобалар дарҳол ортга қайтишди ва Пайғамбаримизнинг атрофларида тўпланишди. Шиддатли жанг бошланди ва душман қўшини мағлуб бўлди. Бу ҳодиса Қуръони каримнинг юқоридаги ва қуйидаги икки оятида баён этилган.
26. Кейин Пайғамбарига ва мўминларга таскинни ҳамда сизларга кўринмайдиган лашкарларини туширди ва кофирларни азоблади, ана шу кофирларнинг жазосидир.
Ҳунайн Маккаи мукаррама ва Тоиф шаҳарлари ўртасидаги бир водий бўлиб, бу ерда ҳижрий 8 (милодий 629) йилнинг шаввол ойида Ҳавозин ва Сақиф қабилалари билан мусулмонлар ўртасида жанг бўлган. Унда душман қўшинлари сони тўрт минг, мусулмонларники эса ўн икки минг эди. Аскарларининг кўплигидан бироз ғурурланган мусулмонлар бошда қўллари баланд келиб турса ҳам, пировардида мағлуб бўла бошлашди. Шунда Аллоҳнинг Ўзи яна карам қилиб, уларга мадад берди. Душманнинг қўққисдан қилган ҳужумидан саросимага тушиб қолган мусулмонлар ҳатто ўз Пайғамбарларини ташлаб, жанг майдонидан қочишди. Шунда Аллоҳ таоло туширган сакинат (таскин) туфайли Пайғамбаримиз ҳамма қочганда ҳам мардона собит турдилар. Пайғамбар билан қолган оз сонли мусулмонлар ҳам Аллоҳ ато қилган сакинат туфайли қатъий туришди. Уларнинг саботига айниқса Аллоҳ томонидан туширилган беҳисоб кўзга кўринмас фаришталар лашкарининг туширилиши ҳам катта мадад бўлди. Оқибатда мусулмонлардан қаттиқ зарба еган кофирлар жазоларини тортишди.
27. Шундан кейин Аллоҳ хоҳлаганларининг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.
Бир гуруҳ мусулмонлар душман босқинидан чўчиб жанг майдонини ташлаб қочишди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида имон келтирганларни кофирлар билан урушга киришганда жанг майдонини ташлаб кетишдан қайтарган. Чунки жанг майдонини ташлаб қочиш умматга қилинган хиёнатдир. Қуръони каримда шундай дейилган: “Эй имон келтирганлар, кофир бўлганлар тўдаси билан тўқнашганингизда улардан ортга қараб чекинмангиз!” (Анфол, 15). Лекин Аллоҳ таоло имон келтирганларнинг Ҳунайн ғазотида душман билан тўқнашгандаги ортга қочиш ила содир этган гуноҳларини кечирди, уларнинг тавбаларини қабул қилди. Чунки Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи, бандаларига ўта раҳмли Зотдир.
28. Эй мўминлар, мушриклар ҳақиқатан нажасдирлар, бу йилдан кейин Масжидул-Ҳаромга яқинлашишмасин. Агар фақирликдан қўрқсангиз, Аллоҳ истаса, фазли билан сизларни бой қилиб қўяди. Аллоҳ ҳақиқатан билувчи ва ҳикматлидир.
Ояти каримада “фақирликдан қўрқсангиз” дейилишига одамларнинг “Энди бизнинг бозорлар узилиб, тижоратимиз касод бўлади. Биз ҳаж мавсумида қўлга киритадиган фойдадан ҳам маҳрум бўлиб, фақирларга айланамиз” деган сўзлари сабаб бўлган эди. Оятдаги "бу йил" ҳижрий 9 (милодий 630) йилдир. Мазкур жумланинг икки хил маъноси бор: 1) шу йили Макка фатҳи бўлиб, шаҳарни ва Байтуллоҳни ширк нажаслари ва нопокликларидан тозалаш масъулияти мусулмонлар зиммасига тушди; 2) эй мўминлар, кўриб турибсизларки, мушрикларнинг ҳукмронлик ва зўравонлик йиллари тугади, энди ҳамма нарса сизларнинг қўлингизга ўтди, дейилмоқчи.
29. Аллоҳга, қиёмат кунига имон келтирмайдиган, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ҳаром қилган нарсаларни ҳаром санамайдиган, ҳақ динга юрмайдиган Аҳли китоблар то бўйсуниб, ўз қўллари билан жизя тўлашмагунича уларга қарши жанг қилинглар.
Ушбу оятда мушрикларнинг бозорлар ва тижоратлари эвазига аҳли китоблардан олинадиган жизяни ато этиб, бой қилишига ишора бор. "Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ҳаром қилган нарсалар" хамр (маст қилувчи ичимликлар), қимор кабилардир. "Жизя" – мусулмонлар қўл остида яшаган Аҳли китобларнинг уларга итоат сифатида тўлайдиган махсус солиғи номи. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаш ёки У Зот ҳалол қилган нарсани ҳаром дейиш улкан гуноҳлардан саналади. Худди шунингдек, Аллоҳдан бошқа бирор кимса бу нарсада ҳаққа эга деб ёки жоҳилий ҳукм ва қонунларга рози бўлиб, ўз ихтиёри билан ҳукм юритиш ва буни ҳалол санаб жоиз дея эътиқод қилиш ҳам катта гуноҳлардандир.
30. Яҳудийлар: "Узайр Аллоҳнинг ўғли", насронийлар эса: "Масиҳ Аллоҳнинг ўғли", дейишади. Бу уларнинг оғзаки гаплари, худди аввал ўтган кофирларнинг гапига ўхшайди. Уларни Аллоҳ жазоласин, қаёққа ҳам қочишарди?!
Айрим мунофиқ кимсалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, бизнинг қибламизни тарк этган бўлсанг, Узайр Аллоҳнинг ўғли эканини тан олмасанг, қандай қилиб сенга эргашамиз?” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятини нозил қилди. "Узайр алайҳиссалом Аллоҳнинг ўғли" деган сафсата Саодат асрида яшаган баъзи яҳудийларнинг ақидаси бўлса ҳам яҳудийларнинг кўпида бундай ақида бўлмаган. Кейинги асрларда баъзи мўътабар мусулмон манбаларига кўра, Фаластин атрофида яшайдиган баъзи яҳудийлар бор эканки, ушбу ақидада бўлишгани учун уларни "азизлар" деган ном билан аташар экан. Насронийларда эса ҳозиргача Исо Масиҳни Аллоҳнинг фарзанди, деган нотўғри гапга ишониб юрувчилар кўпчиликни ташкил этади.
Узайр алайҳиссаломнинг пайғамбарлиги ёки валийлиги борасида уламоларнинг ихтилофли фикрлари бор. Тавротни янгилагани, Бани Исроилнинг шариат ҳукмларини аслига қайтаргани, Аллоҳнинг яратиш қудратига салгина шубҳа пайдо бўлганида у вафот этиб, юз йилдан сўнг қайта тирилгани ва осмондан икки чақин тушгани сабаб бўлиб, Бани Исроилнинг Узайр алайҳиссаломга бўлган эътиқоди шу даражада ортиб-ғовлаб кетдики, уларни Узайрни оддий инсон эмас, балки Аллоҳнинг ўғли деган даъвони қила бошлади. Узайр алайҳиссалом Тавротни Шом ерида ўзи вафот этган Сойиробоз қишлоғидаги Ҳазқил ибодатхонасида янгилаб берган. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: Узайр алайҳиссалом фарзандлари даврасида – улар оппоқ соч-соқолли кекса ҳолатда, ўзи эса қирқ ёшли йигит ҳолатида ўтирар эди. Чунки Аллоҳ таоло уни ўлдирган вақтда қирқ ёшда эди ва қайта тирилтирган вақтда ҳам шу ёш ва кўринишда тирилтирди. Аллоҳ таоло айтади: «Ёки таг-туги билан вайрон бўлган қишлоқдан ўтаётганни кўрмадингизми? У: «Аллоҳ бу харобани қандай жонлантираркин?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йилга ўлдирди, сўнг тирилтириб: «Қанча ётдинг?» деди. У: «Бир кун ё ундан ҳам озроқ ётдим», деди. «Йўқ, юз йил ётдинг, таом ва ичимлигингга қара, бузилмаган, энди эшагингни кўр. Бу сени одамларга ибрат қилиш учун. Суякларни қандай тиклаб, уларга гўшт қоплашимизни кўр», деди. Булар аниқ бўлгач: «Аллоҳ ҳамма нарсага қодирлигини билдим», деди. (Бақара, 259).
31. Улар Аллоҳни қўйиб, руҳонийлари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибни Марямни илоҳ қилиб олишди. Ҳолбуки, ягона Илоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ, У шерик қилаётганларидан олийдир.
Аҳли китобларнинг диний олимлари ва таркидунё қилган роҳиблари ўзларича бирор масала хусусида ҳукм чиқариб, ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалолга айлантиришганида, яҳудий ва насронийлар буни ўзларига ҳужжат қилиб олишар ва: "Энди Худо бизларни сўроққа тутмайди", деб хотиржам бўлишар эди. Бу билан уларни ягона Илоҳга тенглаштирмоқчи бўлишар, самовий китоблардаги ҳукмларга парво қилишмас эди.
Адий ибн Ҳотим Пайғамбар алайҳиссаломдан ушбу оятни эшитгач: “Улар ахир уларга (руҳоний ва роҳибларга, Масиҳ ибни Марямга) ибодат қилишмас эди”, деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: “Тўғри, лекин Аллоҳ уларга ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб беришса – ҳалол дейишарди, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб беришса – ҳаром дейишарди. Мана шу уларга қилган ибодатларидир” (Байҳақий ривояти). Адий ибн Ҳотимдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирдим. Бўйнимда олтин хоч бор эди. “Эй Адий, мана бутни ташла!” дедилар. У зотнинг “Улар Аллоҳни қўйиб, руҳонийлари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибни Марямни илоҳ қилиб олишди” оятини тиловат қилаётганларини эшитдим. Кейин у зот: “Аммо ўшалар уларга ибодат қилишгани йўқ, лекин уларга ҳалолни ҳаром қилишди ва ҳаромни ҳалол қилишди, улар эса эргашишди”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
32. Улар Аллоҳ нурини оғиз билан ўчирмоқчи бўлишади, Аллоҳ эса, кофирлар ёқтиришмаса-да, нурини комил қилмай қўймайди.
"Оғиз билан ўчириш"нинг икки хил маъноси бор: 1) қадимда мойчироқлар пуфлаб ўчирилгани каби кофирлар ҳам ўзларига ҳалақит бераётган Аллоҳ нури (дини)ни ўчирмоқчи бўлишади; 2) сохта олим ва роҳиблар Аллоҳдан келган Ҳақиқатни яшириб, одамларни куфр зулматида тутиб туришга қанчалик уринишмасин, Аллоҳ Ўз нурини (яъни динини) мукаммал қилиб, инсонларни имон саодати сари йўллайверади. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳнинг нурини (Исломни) оғизлари (беҳуда сўзлари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса-да, Ўз нурини (динини) камолга етказувчидир” (Саф, 8).
33. Мушриклар ёқтиришмаса-да, У ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан ғолиб қилиш учун юборган.
Инсонлар эътиқодларига кўра уч хил: Ҳақни таниганлар, Ҳақни инкор қилганлар ва Ҳақни танишда адашганлар бўлишади. Айтайлик, инсон бир машина ихтиро қилди. Унинг ўзига бўйсунишини, хизмат қилишини истайди. Итоат қилишини кўзлаб унга рул ўрнатади, тормоз қилади, ғилдирагини ясайди, чироқлар билан жиҳозлайди. Чунки у машинасининг тўғри йўлдан чалғимай юришини, ағдарилиб ҳалокатга учрамаслигини хоҳлайди. Аллоҳ таоло бандасини яратар экан, унинг Ўзига бўйсунишини, белгилаб берган йўлидан юришини истади. Йўлидан чиқиб кетган машина ағдарилиб, пачоқ бўлгани каби инсон ҳам тўғри йўлдан адашса, залолатга учраб ҳалок бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: «Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин (Ислом) билан, уни барчага ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир!» (Фатҳ, 28). Бошқа бир ояти каримада бундай дейилади: “У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган Зотдир” (Саф, 9). Аллоҳ таолога яқинлашиш, Унинг меҳрибонлиги, раҳм-шафқати, ажр-мукофотларидан умидвор бўлишнинг энг ишончли ва тўғри йўли – Исломдир!
34. Эй мўминлар, Аҳли китобларнинг руҳонийлари ва роҳибларининг кўплари одамлар молини ноҳақ ейишади ва Аллоҳ йўлидан тўсишади. Олтин-кумушларни босиб олиб, Аллоҳ йўлида сарфламайдиганларга аламли азоблар хабарини беринглар.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларини огоҳлантиряптики, Аҳли китобларнинг (яҳудийлар ва насороларнинг) руҳонийлари ва роҳибларининг аксарияти авом халқдан тугун (пора) олишади, одамлар молини ноҳақ ейишади ва одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсишади, яъни уларнинг Исломга киришларини, охирзамон Пайғамбарига эргашишларини исташмайди. Яна шундай кимсалар ҳам борки, улар қўлларидаги олтин-кумушларни босиб олиб, улардан закот тўлашмайди, ҳақдорларнинг ҳаққини адо этишмайди, Аллоҳ буюрган жойларга сарфлашмайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ кимга бойлик ато этган бўлсаю, у закотини бермаса, қиёмат куни бойлиги икки кокилли аждарга айлантирилади. Сўнг у эгасининг бўйнига ўралади-да, унинг икки лунжидан тутиб: “Мен сенинг молингман, сенинг хазинангман”, дейди ва ушбу оятни (Оли Имрон, 180) ўқийди: “Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар бу қилмишларини ҳаргиз ўзларига яхшилик деб ҳисоблашмасин! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат куни бўйинларига ўралажак” (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо: “Бу закотдан олдин бўлган эди, ушбу оят нозил қилингач, Аллоҳ уни (закотни) моллар учун покловчи қилди”, деди (Имом Бухорий ривояти).
Баъзи муфассирларнинг фикрича, бу оят аҳли китоблар ҳақида махсус нозил бўлган. Суддий эса “Аҳли қибла ҳақида”, дейди. Заҳҳок эса оятнинг аҳли китоблар ва мусулмонлар учун умумийлигини айтган. Ато ибн Аббос оятда олтин-кумушларни босиб ётган мўминлар назарда тутилган, деб билади. Савбон бундай дейди: “Ушбу оят нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олтин-кумуш қуриб кетсин!” дедилар. Шунда одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, унда қайси молни хазина қилиб йиғайлик?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Шукр қилувчи қалбни, зикр қилувчи тилни ва солиҳа жуфти ҳалолни”, дедилар”.
35. Босиб қўйганлари ўша куни дўзах ўтида қиздирилиб, пешона, ёнбош ва орқаларига босилади ва: "Булар ўзингиз учун йиққанларингиз эди, энди тўплаганларингизнинг "маза"сини бир тотиб кўринглар-чи!", дейилади.
Инсоннинг бутун аъзолари орасидан фақат пешона, ёнбош ва орқа томонга тамға қиздириб босилишининг боиси, бахил бой кимса фақирларни кўрганида пешонасини тириштириб, ёнбоши билан туриб олар, агар фақир унинг яқинига келса, орқасини ўгириб олар эди Жазо қилмишларига яраша бўлиши учун мазкур аъзоларга бойликлари қиздириб босилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қайси бир олтин-кумуш соҳиби бойлигининг ҳақини (закотини) бермас экан, қиёмта куни бўлганда оловдан қозонлар ясалиб, бойлиги дўзах оловида қиздирилади-да, у билан пешонаси, ёнбоши ва орқа томонига тамға босилади. Агар у совиб қолса, дарҳол бошқатдан қиздирилади. Бу миқдори эллик минг йилга тенг бўлган кунда, то бандалар орасида ҳукм қилингунча давом этади. Сўнг жаннатга ёки дўзахга элтувчи йўлни кўради”. Бошқа бир ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Дўзахга биринчи бўлиб кирадиган уч тоифа ушбулардир: золим амир, молидаги Аллоҳ таолонинг ҳақини адо этмайдиган бой ҳамда мутакаббир камбағал” (Ибн Ҳиббон ва Ибн Ҳузайма ривояти).
36. Аллоҳ наздида ойлар сони, Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратгандаги Китобига кўра ўн иккитадир. Булардан тўрттасида уруш ҳаром, бу ҳақ ҳукмдир. Бу ойларда ўзларингизга зулм қилманглар, мушриклар сизларга уруш очишсагина, сизлар ҳам уларга қарши жанг қилинглар. Билингларки, Аллоҳ тақводорлар биландир!
Аллоҳ таоло осмонлару Ерни яратган кунда Китобига битиб қўйганига кўра, йилдаги ойлар сони ўн иккита қилиб белгиланган. Булардан тўрттаси: зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб ойлари "ҳаром" ойлар, яъни ўша ойда уруш қилиш, қон тўкиш ҳаром қилинган ойлар эди. Бир йилда тўрт ойни урушсиз (яъни, уруш ҳаром қилинган) ой деб белгилаб қўйиш Аллоҳ таоло томонидан ер юзида инсонларнинг тинчлик-осойишталикда яшашларига имконият яратиб қўйилган ажойиб меҳрибонлик ва қулайлик эди. Макка ичидаги Ҳарамайни шариф макон жиҳатидан тинчлик-омонлик ҳудудига айлантирилган бўлса, йилнинг тўрт ойи замон жиҳатидан тинчлик-омонлик даври эди. Шунинг учун мусулмонлар "бу ойларда жанг қилиб, ўзларингизга зулм қилманглар", деб огоҳлантириляпти. Бордию мушриклар уруш очгудай бўлишса, сизлар ҳам уларга қарши уруш қилинглар.
Абу Бакра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта замон Аллоҳ осмонлару Ерни яратган кунидек қайтиб келди. Йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаромдир (ҳурматлидир). Учтаси кетма-кет: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам. Кейин эса жумодис-соний билан шаъбоннинг ўртасидаги ражаб”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
37. "Насий" куфрнинг энг кучлисидир, у билан кофирлар йўлдан адаштирилади. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойлар сонини ўзларига мослаш учун бир йил ҳалол санашса, иккинчи йили ҳаром қилиб олишади. Уларга бу хунук ишлари чиройли кўрсатилди, чунки Аллоҳ кофирларни ҳидоят қилмайди.
"Насий" луғатда “ортга суриш, кечиктириш” маъноларини билдиради. Насий аҳли – жоҳилият пайтида арабларга Аллоҳ томонидан ҳаром (уруш ҳаром қилинган) деб аталган ойларни орқага суриб берувчилардир. Улар ҳаром ойлардан бирини ҳалол қилиб, унинг ўрнига ҳалол ойлардан бирини ҳаром қилишарди ва ушбу ойни орқага, сал кейинроққа чўзишарди. Исломдан олдин ҳам ҳаром ойларда жанг қилиш тақиқланганига қарамай, мушрикларда жаҳолат ва итоатсизлик авжига чиқиб, "насий" қоидасини ўйлаб топишди. Улардан бир зўр қабила муҳаррам ойида уруш қилишни хоҳлаб қолса, сардорлари ўртага чиқиб: "Биз бу йил муҳаррам ойини ҳаром ойлар ҳисобидан чиқариб, ўрнига сафар ойини ҳаром ой деб эълон қилдик", дерди. Иккинчи йили эса "Бу йил муҳаррам ҳам, сафар ҳам ўз жойида қолди, энди олдинги қоидага амал қиламиз", деб эълон қилар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ҳийлаларини куфрнинг энг кучлиси, деб баён қиляпти.
38. Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, "Аллоҳ йўлига чиқинглар" дейилса, ерга қапишиб оласизлар? Ёки охиратдан кечиб, дунё ҳаётига рози бўлдингларми? Аммо охират олдида дунё матоҳлари жуда арзимас-ку!
Тавба сурасининг 38-39-оятлари Мадина билан Шом ўртасидаги Табук воҳасида содир бўлган ғазот воқеаларига доир оятлардир. Ўшанда бир гуруҳ мунофиқлар ва баъзи мусулмонлар сафарнинг узоқлиги, машаққати ва куннинг иссиқлигини баҳона қилиб, ундан қолишга ҳаракат қилишган эди. Бу оятда мусулмонлар қаттиқ талаб билан Аллоҳ йўлида жанг қилишга буюрилмоқда. Яна улар огоҳлантириляптики, дунёнинг айш-лаззатларига берилиб, душманга қарши жиҳод каби улуғ бир ишдан маҳрум бўлиб қолиш мўмин-мусулмонлар мартабасига бутунлай номуносиб ишдир. Сизлар ажралишни истамаётган дунё лаззатлари охират мукофотлари олдида сариқ чақага ҳам арзимасдир. Хурмолар терилиб, мевалар ғарқ пишган бир пайтда соя-салқин жойларини ташлаб, кун иссиғида олис ва машаққатли сафарга чиқиш одамларга малол келгани учун улар сусткашлик қилиб қолишди. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлган.
Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳалок қилувчи етти гуноҳдан сақланинглар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, улар қайсилар?” деб сўрашган эди, у зот: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, етим молини ейиш, душман бостириб келган кунда (жангдан) қочиш ва покдомон мўмина аёлларни бадном қилиш”, деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
39. Агар чиқмасанглар, Аллоҳ сизларни аламли азоб билан жазолаб, ўрнингизга бошқа қавмни келтиради. Сизлар Унга бирор нарсада зарар етказа олмайсизлар, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
Юқорида зикр қилинганидек, ҳижратнинг тўққизинчи йили Византия қўшинлари мусулмонлар устига бостириб келаётгани ҳақидаги хабар тарқалиб қолди. Расулуллоҳ алайҳиссалом душманга қарши катта қўшин тўплаб, дин ва юрт мудофааси учун Табук сари юриш қилдилар. Лекин бир неча кунлик сафар жангу жадалсиз ниҳоясига етди, Византиянинг ҳеч қандай босқинчилик режаси йўқлиги маълум бўлди. Аммо Табук ғазотининг ҳикмати шунда эдики, бу воқеа асносида мусулмонлар орасидаги мунофиқларнинг сирлари фош бўлди, улар тилларида мусулмонлик даъвосида бўлишса-да, душманга қарши урушга боришдан бош тортиб, ўзларининг ниятларини билдириб қўйишди.
40. Агар Пайғамбарга ёрдам бермасанглар, кофирлар икки кишининг бири сифатида ҳайдаб чиқаргандагидай Аллоҳ ёрдам беради. Икковлон ғорда туришганида у шеригига: "Хафа бўлма, Аллоҳ биз билан!" деган. Шунда Аллоҳ уларга хотиржамлик туширди ва сизларга кўринмаган лашкарлари билан мадад берди, кофирларнинг сўзини чиппакка чиқарди. Аллоҳнинг сўзигина ҳамиша олий, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир.
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг энг содиқ ва сиддиқ саҳобалари, Ислом оламининг Пайғамбаримиздан кейинги биринчи ҳукмдори, тирикликларидаёқ жаннат башорати берилган улуғ инсон Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу ҳақларидадир. Бу воқеа Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг энг яқин сафдошлари Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу) билан маккалик мушриклар таъқибидан қочиб, Ясрибга кетишаётганда содир бўлган. Икковлари Маккадан чиқиб, уч кун Савр тоғидаги бир ғорда яшириниб туришган. Кофирлар улар изидан таъқиб қилиб келиб, ғор оғзигача келишган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло инояти билан икки ғор соҳибини кўролмай қайтиб кетишган. Ўшанда Абу Бакр Сиддиқ ғор оғзига келиб қолган душманлар Расулуллоҳ алайҳиссаломга озор етказишади, деб қаттиқ ҳаяжонга тушадилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом содиқ шерикларига “Хафа бўлма ва ҳаяжонга тушма, чунки Аллоҳ биз биландир!” деб таскин-тасалли сўзларини айтганлар.
Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Бакр унга бундай деган: “Биз ғор ичида турганимизда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Агар улардан бири оёқларига назар солгудай бўлса, бизни оёқлари остида кўради”, дедим. У зот: “Эй Абу Бакр, учинчилари Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима деб ўйлайсан?” дедилар” (Имом Бухорий ва Термизий ривояти). Яъни, душманнинг яқинимизда турганидан ташвишга тушма, Аллоҳ биз биландир, У мўминларнинг мададкори ва меҳрибонидир.
41. (Эй мўминлар), енгил ва оғир туюлса ҳам жангга чиқинглар, молларингиз ва жонларингиз билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилинглар! Агар билсанглар, мана шу сизларга яхшидир.
Яъни умумий сафарбарлик чоғида пиёда ё уловдами, фақир ё бойми, ёш ё қарими, қатъи назар, ҳамма душманга қарши урушга чиқиши керак. Ҳеч қандай сабаб-баҳонани рўкач қилмай барча мусулмонлар моллари ва жонларини Аллоҳ йўлидаги урушга сафарбар қилишлари лозим. Бу нарса дунё ва охиратда уларга яхшироқдир. Ким сабаби бўлмаган ҳолда душмандан қўрқиб, жанг майдонини ташлаб қочса ёки унга қарши урушга чиқмаса, у Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади ва унинг борадиган жойи жаҳаннамдир. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: “Агар сизлардан йигирмата сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта душманни енгар!” (Анфол, 65) ояти нозил бўлгач, Аллоҳ йигирма мусулмонга икки юз нафар душмандан қочмасликни фарз қилди. Сўнг “Агар сизда юз нафар бўлса, кофирларнинг мингини енгади” ояти нозил бўлди ва юзта мусулмонга икки юз душмандан қочмаслик фарз бўлди” (Имом Бухорий ва Абу Довуд ривояти).
42. (Эй Муҳаммад), агар осон ўлжа ва яқин сафар бўлганида улар сизга эргашишарди. Лекин масофа узоқ кўринди, ўзларини ҳалок қилиб: "Агар қодир бўлганимизда сиз билан чиқардик", деб Аллоҳ номи билан қасам ичишди. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ёлғончилигини билади.
Инсоннинг табиати шундай: ҳамиша жон койитмай, ҳамма нарсага осонгина эришишни, яхши нарсаларни унча қийналмай қўлга киритишни истайди. Жаннат боғларию, ундаги турфа неъматларни орзу қилади, аммо бунинг учун машаққат чекиш, Аллоҳнинг тоатида бўлиш, тинмай ибодат ва зикрлар қилиш кераклигини “унутади”. Айниқса, мунофиқлар унча жон койитмай мўминлар каби барча имтиёзлардан фойдаланиб қолишга уринишарди. Яъни, мунофиқлар жиҳодга чорланса, агар яқин ерга сафар қилинса ва ўлжалар осонгина қўлга кирадиган бўлса, мусулмонларга қўшилиб, жангга боришарди. Бордию сафар Шом каби узоқ ўлкаларга ё машаққатли иссиқ пайтларга тўғри келиб қолса, жиҳоддан қочишар эди. Улар ўзларини ҳалок қилиб беҳуда қасам ичишяпти, Аллоҳ уларнинг ғирт ёлғончилигини яхши билади.
43. Аллоҳ сизни кечирсин, ким ростгўй, ким ёлғончилигини аниқламай туриб, нега уларга ижозат бердингиз?
Мадина мунофиқларидан бир гуруҳи Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб, турли сабаб-баҳоналарни рўкач қилган ҳолда жиҳоддан қолишга ижозат сўрашганида, Сарвари коинот уларга қолишга рухсат бердилар. Шунда Аллоҳ таоло: уларнинг қай бири рост гапиряпти, қайсиниси ёлғон тўқияпти, буни аниқламай туриб ижозат бермасангиз бўларди, деди. Ибн Исҳоқнинг ёзади: “Менга етиб келишича, шарафли кишилардан урушга чиқмасликка рухсат сўраганлардан Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва Жадд ибн Қайслар бўлиб, улар ўз қавмларининг саййиди эди. Аллоҳ уларнинг кимлигини билгани сабабли қўшин ичида бузғунчилик қилмасликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқишларини истамади. Чунки қўшин ичида шарафли кишилар бўлгани учун бу кишиларга муҳаббатли ва уларнинг чақириғига эргашадиган одамлар бор эди”.
44. Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганлар молларию жонлари билан жиҳод қилишдан қолишга ижозат сўрашмайди, Аллоҳ тақводорларни билади.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини огоҳлантиряптики, Аллоҳга ва қиёмат кунининг келишига имон келтирган мўминлар жангга чорланганида урушишга чиқмасликка асло баҳона ва сабаб қидириб ўтиришмайди, балки молларию жонлари билан ғалаба соатларини яқинлаштиришга ҳаракат қилишади. Мунофиқларнинг феъли эса тамоман бошқача, улар нима қилиб бўлса ҳам Пайғамбарнинг чақириғидан бўйин товлашга уринишади, жангга чиқмаслик учун баҳона излашади. Уларнинг имони ҳам шубҳали, тақвоси ҳам шубҳали. Аллоҳ тақводорларни Ўзи яхши билади.
45. Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонмайдиганлар ва дилларига шубҳа тушиб, иккиланаверадиганларгина сиздан ижозат сўрашади.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мунофиқларнинг асл башараларини фош этиб, уларнинг қилмишларидан Ўз Пайғамбари ва мўминларни огоҳлантиряпти: улар Аллоҳга ҳам ишонишмайди, Қиёмат кунига ҳам имон келтиришмайди. Уларнинг дилларини шубҳа ва гумонлар тўри қоплаб олган, шу боис ҳар қадамда иккиланаверишади. Урушга чиқсак, ўлиб кетмаймизми, бордию бу жанг бизга машаққат ва зиён келтирмайдими, бу рушга чиқсак қанча ўлжани қўлга киритар эканмиз қабилидаги шубҳа-гумонлар уларни қийнайверади. Шунинг учун бундай мунофиқлар Пайғамбар алайҳиссалом имон учун жангга чорлаганларида ундан қолиш учун турли баҳоналар билан у зотдан рухсат сўрашга ошиқишади.
46. Агар чиқишни исташганида унга тайёргарлик кўрган бўлишарди. Лекин Аллоҳ уларнинг чиқишларини истамай, боришдан тўсди ва: "Ўтирганлар билан қолаверинглар!", деди.
Агар бу мунофиқлар Пайғамбар алайҳиссалом билан ғазотга боришни исташганида унга ҳозирлик кўрган, керакли нарсалари ва уловларини тайёрлаган бўлишарди. Мунофиқларда имон бўлмагани учун ёлғон узрлар баҳонасида жиҳоддан қолишади, агар чиқишни хоҳлашганида унга ҳозирлик кўришарди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг мунофиқлигини билгани учун йўлларини тўсиб: "Сизлар уйда қолган кексалар, аёллар ва болалар билан қолаверинглар", деган. Чунки Аллоҳ таоло мунофиқларнинг кимлигинию уларнинг асл мақсадлари нималигини яхши билгани учун уларнинг ғазотга чиқишларини истамади ва буюк бир саодатдан маҳрум этди.
47. Агар чиқишганида ҳам бузғунчиликдан бошқасини қилишмас, ораларингизга фитна солишга уринишар эди. Ичларингизда уларга қулоқ соладиганлар ҳам бор, Аллоҳ золимларни билади.
Яъни, мунофиқлар сиз билан бирга жангга боришганида ҳам номардликлари билан мусулмонларга катта зарар етказган бўлишар эди. Чунки улар тинч юрмай, мусулмонлар орасида бузғунчилик қилиш, ёлғон хабарлар тарқатиш, дилларига қўрқув ва шубҳа солиш билан шуғулланишни ёқтиришади. Ичларингизда уларга маълумот етказиб турадиган ва гапларига қулоқ соладиган содда инсонлар ҳам бор, аммо уларнинг зарари тегмайди, чунки Аллоҳ ким золимлигини яхши билади.
48. Олдин ҳам, улар ёқтиришмаса-да ҳақ қарор топиб, Аллоҳнинг амри ғолиб бўлгунича фитна қўзғашар, ишларингизни остин-устун қилишар эди.
Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага кўчганларида яҳудийлар ва мунофиқлар у зотга қарши турли фитна ва душманликлар қилиб кўришди. Улар орасида айниқса қавмининг раҳбарларидан Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва Жадд ибн Қайс каби мунофиқлар ҳаддан ошишди. Бадр жангида куфр ва ширк устунлари йиқилиб, Аллоҳнинг ҳақ дини қарор топгач, улар норозилик ва душманликларини ичга яшириб, имконият топилиши билан мусулмонлар орасида фитна қўзғаш, зарар етказиш пайидан бўлишарди.
49. Уларнинг: "Менга ижозат беринг, фитнага солманг", дейдиганлари ҳам бор. Огоҳ бўлсинларки, улар фитнага тушишган, жаҳаннам кофирларни албатта ўраб олувчидир.
Табук ғазотига йўлга чиқилаётганида мунофиқлардан Жадд ибн Қайс Пайғамбар алайҳиссаломга: "Жиҳоддан қолишимга рухсат беринг, чунки мен чиройли аёлларга ўчроқман, Румнинг сарғиш аёлларини кўриб, ўзимни тутолмай фитнага тушиб қолишим мумкин, менга ғазотдан қолишга изн берсангиз, сизга молим билан ёрдам бераман", деб баҳона қилган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан юзларини ўгириб, “Сенга изн бердим”, деганларида Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди. Аллоҳ таоло огоҳлантиряптики, бундай мунофиқ кимсалар аёллар туфайли фитнага тушиб қолишдан қўрқишини баҳона қилгани билан аллақачон фитнага тушиб бўлган, уларни энди дўзах оловига ем бўлишдан бошқа оқибатлари қолмаган. Баъзи уламолар бу оят фақат Жаддга эмас, балки бутун мусулмонларга қаратилган, дейишади.
50. (Эй Муҳаммад), агар сизга бир яхшилик бўлса, улар ғамгин бўлишади, агар бирор мусибат етса: "Олдиндан бунинг тадорикини кўргандик", деб хурсанд кетишади.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини мунофиқ кимсаларнинг кирдикорларидан, уларнинг қалблари беқарорлигидан огоҳлантириб айтяптики, эй Пайғамбарим, уларнинг асл қиёфасини яхшилаб ўрганинг, улар сизга ғалаб келса ёки бирор яхшиликка эришсангиз, ғамга ботиб, ўзларини қўйгани жой тополмай қолишади. Бордию бошингизга бирор мусибат тушса ёки жангда енгилсангиз, уларнинг қанчалик хурсанд бўлишини кўраверинг. Гўё улар келажакда содир бўладиган воқеаларни билиб турадигандай, “Мана, олдиндан тадорикини кўриб қўйган эдик, бизга яхши бўлди”, деб ялтоқланишдан ҳам тойишмайди.
51. "Бизларга Аллоҳ ёзганидан бошқаси келмайди, У хожамиздир, мўминлар Аллоҳгагина суянишсин", денг.
Чинакам мўмин киши ҳар бир нарса Аллоҳ таоло белгилаб қўйган тақдирга мувофиқ бўлишини яхши билгани учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг чорловига иккиланиб ўтирмайди, “лаббай” дея дарҳол ижобат этади. Чунки Аллоҳ азза ва жалла ваъда берганидай, уларга Аллоҳнинг ёзуғидан бошқа нарса келмайди, У буюк Хожа ва ўта қудратли Зот бўлгани боис бандалар фақат Унинг Ўзигагина суянишсин, Унгагина таваккал қилишсин, барча ҳожатларини фақат Ундан сўрашсин.
52. "Бизларга бўладиган икки яхшиликдан бирини кутяпсизлар, бизлар эса Аллоҳнинг Ўз ҳузуридан ёки бизнинг қўлимиз билан сизларга бир жазо юборишини кутяпмиз. Кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан кутаверамиз", денг.
Жангга чиққан мусулмонларга икки яхшиликдан бири албатта бўлади: улар ё Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб шаҳид бўлишади ва олий мукофот – жаннатга эришишади ёки жангда ғолиб чиқиб, зафар ва ўлжаларни қўлга киритишади. Жангдан қочган мунофиқларни эса, Аллоҳнинг Ўзи самовий азоб билан ҳалок қилади ёки мусулмонларнинг қўли билан ўлдиртиради.
53. "Ихтиёрий ёки мажбуран эҳсон қилсангизлар ҳам сизлардан қабул қилинмайди, чунки сизлар ҳақиқий фосиқ қавмларсиз", денг.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, эй Расулим, ўзларига бирор дунё манфаати ёки ўлжа келтирадиган бўлсагина урушга чиқадиган, аммо ниятлари ҳам, розиликларию аччиқланишлари дунё моли учунгина бўлган ана шу мунофиқларга айтинг: “Сизлар хоҳ ўз ихтиёрингиз, хоҳ мажбур бўлиб қолиб нима эҳсон, садақа қилсангизлар ҳам барибир улар Аллоҳ таоло томонидан қабул қилинмайди. Чунки Аллоҳ таоло фосиқ қавмларнинг эҳсонига ҳам, яхшилигига ҳам муҳтож эмас.
54. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига куфр келтиришгани, намозга хушламай келишгани, ноиложликдан хайр-садақа қилишгани уларнинг эҳсонлари қабул қилинишини тўсган нарсалардир.
Айрим мунофиқлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига келиб: "Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, ўзим жиҳодга чиқа олмайман, лекин молиявий жиҳатдан сизларга ёрдам бераман", дейишганида юқоридаги оят тушган. Яъни, имон ва эътиқоди бўлмаган кимсаларнинг эҳсон-ёрдамлари ҳар қандай ҳолатда ҳам қабул этилмайди, чунки уларнинг кофирликлари очиқ-ойдин кўриниб турибди.
55. Уларнинг мол-дунёси ва болалари кўплиги сизни ажаблантирмасин, зеро, Аллоҳ уларни дунё ҳаётида азоблашни ва кофирликда жон беришларини хоҳлайди, холос.
Яъни, Аллоҳ таоло динсиз-кофирларга дунё ҳаётида кўпгина мол-дунё ва фарзандларни, обрў ва шон-шуҳратни бериб қўйганига ажабланиб юрманглар. Аллоҳ уларни шу дунёдаёқ жазолаш учун шундай тадбир қилган: улар бойликлари ва фарзандлари ғамида ўралашиб, доимо уларни ўйлаб ҳаётларини бой беришади, на тавба қилишади, на бир солиҳ амал. Охири кофир ҳолларида жон таслим қилишади.
56. Улар: "Сизларданмиз", деб Аллоҳ номига қасам ичишади, лекин сизлардан эмаслар, қўрқоқ бир қавмдирлар.
Эй мўминлар, мунофиқларнинг чиройли сўзларига, ёлғон ваъдаларига ишонманглар, улар сизларнинг ҳузурингизда ўзларини дўст ва маслакдошдай тутиб туришади, ўзларини мўминлардан деб ҳисоблашади, аммо улар ҳеч қачон мўминларга дўст, ҳамкор бўла олишмайди. Чунки улар қўрқоқ бир қавм бўлишгани дунёни ўта яхши кўришгани учун, Аллоҳнинг дини йўлида жанг қилишни, ғазотларга боришни мутлақо исташмайди.
57. Улар ғорми, бош суқар жойми, бирор бошпана топишганида ўша томонга чопишарди.
Мунофиқлар мўминлар билан бирга жангга бормаслик учун ҳамма нарсага тайёрдирлар: агар бирор яширинадиган ғор топишса, ўшанга кириб жон сақлаган, бирор бошпана топишса, ўша жойга кириб олиб урушга боришдан қолган бўлишарди. Улар ана шундай ишончсиз, имонсиз, манффат қули бўлган дунёпараст кимсалардир. Яна уларнинг макрига алданиб, улар билан дўстлашиб, сирларингизни баҳам кўриб, улар ишончини қозонишга уриниб юрманглар.
58. Уларнинг садақа тақсимотида сизни айблайдиганлари ҳам бор, улар ўзларига садақа тегса хурсанд бўлишади, берилмаса, ғазабланишади.
Баъзи мунофиқ кимсалар садақаларни тақсимлашда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни адолат қилмаганликда айблашганида Аллоҳ ушбу оятни нозил қилиб, Ўз Пайғамбарини оқлаган. Бу воқеа Ҳунайни жангидан кейин Жиърона деган жойда содир бўлган. Али ибн Абу Толиб Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ердан топилган яхлит олтин (ёмби) юборади, у зот ёмбини тўрт кишига тақсимлаб берадилар. Шунда Исломга ва унинг Пайғамбарига душманлиги билан танилган Ҳарқус ибн Зуҳайр (лақаби Зулхувайсира) исмли бир кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга беодоблик билан садақа тақсимотида адолат қилмаганлик маломатини қилади.
Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий солллалоҳу алайҳи ва салламга бир нарса юборилди. У зот уни тўрт кишига тақсимлаб бердилар ва “Уларни улфат қиламан”, дедилар. Шунда бир киши: “Адолат қилмадингиз”, деди. У зот солллалоҳу алайҳи ва саллам: “Манавининг наслидан диндан отилиб чиқувчилар чиқади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
59. Агар Аллоҳнинг ва Пайғамбарининг берганларига рози бўлишганида ва: "Аллоҳ бизларга кифоя, Аллоҳ Ўз фазлидан беради, Унинг Пайғамбари ҳам. Бизлар албатта Аллоҳ розилигини истаймиз", дейишганида яхши бўларди.
Мунофиқ кимсаларнинг яна бир расволиги шунда айн бўляптики, улар Аллоҳ ва Унинг Расули берган атоларга рози бўлмай, мусулмонлар орасида фитна ва фасод тарқатишга уринишмоқда. Улар ҳатто Аллоҳнинг Пайғамбарини садақаларни тақсимлашда адолат қилмаганликда айблашгача боришди. Агар улар Аллоҳнинг берганига рози бўлиб, “Аллоҳ ҳам, Унинг Пайғамбари ҳам фазл-марҳамати билан беряпти, бизлар ҳам фақат Аллоҳнинг розилигини истаймиз” деб, берилганларга рози бўлишганида эди, ўзларига яхши йўл танлаган бўлишарди. Аммо мунофиқлик табиати бунга асло йўл бермайди.
60. Садақалар фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, диллари улфат қилинадиганларга, тутқунларни озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳ йўлига ва мусофирларгадир. Аллоҳ шуни буюрган, Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир.
"Садақа" деганда "закот" назарда тутилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинишича, Аллоҳ садақа-закотлар тақсимотини у зотга ёки бошқаларга топширмай, Ўзи бунга қуйидаги ҳақдорларни тайин этган: 1) фақирлар, яъни еб-ичгулиги бўлса-да, ўзи закот беришга қодир бўлмаганлар; 2) мискинлар, яъни ҳеч нарсаси бўлмаган ғирт қашшоқлар; 3) садақа йиғувчилар, яъни закот-садақаларни одамлардан йиғиб, расмийлаштириб, бошқаларга тарқатишда хизмат қиладиганлар; 4) диллари улфат қилинадиганлар, яъни Исломга янги кирган ёки киришидан умид қилиниб турилганлар. Бу Ислом динини қувватлантириш учун эди, аксари уламолар Пайғамбаримиз вафотларидан кейин бунга ҳожат қолмаган, деб ҳисоблашади; 5) тутқунлар, яъни қуллар ва асирларни озод қилишга тўлаш учун; 6) қарздорларнинг қарзларини узишга; 7) Аллоҳ йўлига, Унинг йўлида жиҳод қилаётганларга, ҳажга кетаётганларга ёки Аллоҳ динини ёйишда ҳаракат этаётганларга; 8) мусофирларга, яъни ватанларида бой бўлишса ҳам сафарда муҳтож бўлиб қолганларга. Ҳанафий мазҳаби уламолари юқоридаги саккиз тоифани садақа олишга тамоман ҳақли ҳисоблашади.
61. Улар орасида Пайғамбарга озор берадиган ва: "У қулоқ" дейдиганлари ҳам бор. "У сизларга яхши бўлишига қулоқдир, у Аллоҳга ишонади, мўминларга ишонади ва имон келтирганларингизга раҳматдир!" денг. Аллоҳ Пайғамбарига озор берувчиларга аламли азоб бор.
Пайғамбаримиз олий хулқ эгаси бўлганлари учун ҳар бир кишининг гапини эътибор билан тинглаб, ҳамма билан хуш муомалада бўлардилар. Ҳасадгўй мунофиқлар у зотнинг бу фазилатларини ҳам ёмонга чиқариб, фитна қилишди, "у эшитган нарсасига ишонаверадиган, ҳаммага қулоқ солаверадиган қулоқдир", деб масхара қилишди. Ваҳоланки, Пайғамбар алайҳиссалом умматга яхшилик бўлиши учун раҳмат ўлароқ юборилган элчидирлар.
Бу оят мунофиқлардан бир жамоа ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга азият беришар, ҳар хил ноўрин гапларни айтишар эди. Баъзилари “Бундай қилманглар, бизга айтаётган гапларингиз унга етиб, бизни жазолашидан қўрқамиз”, дейишса, Жулос ибн Сувайд: “Хоҳлаган нарсамизни гапирамиз, кейин унинг олдига борсак, у гапларимизни тасдиқлайди, Муҳаммад эшитувчи қулоқдир”, дейди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Ибн Исҳоқнинг айтишларича, кейинчалик Жулос тавба қилган ва тавбаси қабул бўлиб, ўзидан яхши амаллар кўрилган экан.
62. (Эй мўминлар), улар сизларни рози қилиш учун Аллоҳ номига қасам ичишади. Агар имонли бўлишганида, Аллоҳни ва Унинг Пайғамбарини рози қилишлари яхшироқ эди.
Мунофиқларнинг энг қабиҳ сифатларидан бири одамларни рози қилиш учун Аллоҳнинг номи билан бўлар-бўлмасга қасам ичаверишларидир. Уларнинг табиати шунақа: ҳар қандай шароитга тез мослашишни, ўз манфаатлари учун ҳар қандай вазиятдан осонлик чиқиб кетишни ўйлашади. Мунофиқлар бошқалардаги имон, диёнат туйғуларини қўзғатиш, уларнинг ишончига кириб олиш, ўзларини ҳам улардан қилиб кўрсатиб, ҳолатдан чиқиб кетиш учун Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб, одамларни ишонтиришга уринади. Агар улар имонга келишганида ҳар бир ишни Аллоҳ ва Унинг Расули розилиги учун қилган бўлишарди. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: “(Эй Муҳаммад), мунофиқлар ҳузурингизга келиб: “Гувоҳлик берамизки, сиз албатта Аллоҳнинг Пайғамбаридирсиз”, дейишади. Сиз Унинг Пайғамбари эканингизни Аллоҳ албатта билади ва Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатан ёлғончи эканига гувоҳлик беради” (Мунофиқун, 1).
63. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари чизиғидан чиқса, унга албатта абадий қолинадиган жаҳаннам ўти бўлишини билмасмикин?! Улкан шармандалик ана шудир!
Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари белгилаб берган кўрсатмаларни бажаришдан бош тортса, Парвардигорнинг розилигини исташ ўрнига атрофидаги ўзига ўхшаш одамларни рози қилишни ўйласа, бу мунофиқликнинг ўзгинасидир. Наҳотки, Аллоҳнинг Пайғамбарига итоатсизлик кўрсатаётган мунофиқлар ушбу ҳақиқатни билишмаса? Агар буни билишганида Аллоҳ ва Унинг Расули буйруқларига хилоқ иш қилмаган, қилмишлари эвазига жаҳаннам оташини “мукофот” қилиб олишмаган бўларди. Охиратда улар эришадиган улкан шармандалик мана шудир!
64. Мунофиқлар дилларидаги нарсани билдирадиган сура тушишидан қўрқишади. "Масхара қилаверинглар, қўрқаётган нарсангизни Аллоҳ рўёбга чиқаради", денглар.
Мунофиқлар бирор сура тушиб, ўзларининг мунофиқликларини, яъни устларида мусулмон бўлиб юришса ҳам, ичларида мусулмонларга ашаддий хусумат борлигини билдириб қўйишидан ўларча қўрқишадию аммо Пайғамбар ва мўминларни масхара-калака қилишдан чўчишмайди. Майли, улар калака қилиб, кулиб туришсин, яқинда Аллоҳ улар қўрқаётган нарсаларини рўёбга чиқариб қўяди.
Суддий айтади: “Баъзи мунофиқлар “Аллоҳга қасамки, мени келтириб юз дарра урилишидан кўра бизни фош этувчи бирор нарса нозил қилинмаслигини афзал кўраман”, деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди”. Мужоҳид эса бундай деган: “Улар ўзаро (бемаза гапларни) гаплашишар, кейин эса “Аллоҳ бизнинг сирларимизни фош қилмаса эди!” дейишар эди”.
65. Улардан сўрасанглар: "Бизлар баҳслашиб-ҳазиллашаётгандик, холос", дейишади. "Аллоҳни ва Унинг Пайғамбарини калака қилмоқчимидингиз?!" денглар.
Қатода ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотига чиққанларида сафарларида мунофиқ кимсалар ҳам бор эди. Улар “Бу одам (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Шом қасрларинию қалъаларини фатҳ этишни орзу қиляптими? Буни ҳеч қачон амалга оширолмайди”, дейишди. Аллоҳ бу гаплардан Пайғамбарини хабардор қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уловларга мининглар”, дедилар ва уларнинг олдига келиб: “Шундай-шундай гапларни айтдинглар”, дедилар. Улар “Эй Аллоҳнинг Расули, биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашяпмиз”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Ибн Умардан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Убайни кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида “Эй Аллоҳнинг Расули, биз баҳсга (шўнғиб) ҳазиллашиб турган эдик”, деган эди, шу пайт тошга қоқилиб йиқилиб тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингларми?” дедилар”.
66. (Эй мунофиқлар), узр сўраманглар, имонингиздан кейин яна куфр келтирдинглар. Бир тоифангизни авф этсак-да, бошқа бир тоифани гуноҳлари сабабидан жазолаймиз.
Яъни, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарини калака қилганлардан ким қилмишига пушаймон бўлиб, астойдил тавба қилса кечирилади, тавба қилмаганлар эса гуноҳлари учун қаттиқ азобга гирифтор бўлишади. Аввал бошда имонга келиб, сўнг яна куфрга кетган мунофиқ кимсаларнинг узрини Аллоҳ таоло асло қабул қилмайди. Аммо қилган гуноҳларига астойдил тавба қилганларининг бир тоифасини авф қилса, бошқа бир тоифасини қилган гуноҳлари сабабидан албатта жазолайди.
67. Мунофиқ эрлар ва мунофиқ аёллар бир хил: ҳаммалари ёмонликка буюришади, яхшиликдан қайтаришади ва бахиллик қилишади. Улар Аллоҳни унутишди, энди Аллоҳ ҳам уларни унутади, шубҳа йўқки, мунофиқлар фосиқдирлар.
Мунофиқларнинг бахиллиги шундаки, Аллоҳ таоло уларга беҳисоб мол-дунёни бериб қўйса ҳам Аллоҳ розилиги йўлида, яхши ишларга сарф қилишмайди. Улар Аллоҳга илтифот кўрсатмай, раҳматини унутишгани каби Аллоҳ ҳам уларни раҳматидан бебаҳра қолдириб, ўз ҳолларига ташлаб қўяди. Мунофиқларнинг эркаклари ҳам, аёллари ҳам Аллоҳга ва Унинг Расулига бирдай осийлик қилишади: ҳаммалари ёмонликка буюришади, яхшиликдан қайтаришади, яна Аллоҳ берган неъматларга бахиллик ҳам қилишади. Улар фосиқликларига бориб, Аллоҳни эслашмади, энди уларнинг бу қилмиши учун Аллоҳ азза ва жалла ҳам уларни қиёмат куни батамом “эсдан чиқаради”, уларга назар ҳам солмайди, ёрдам ҳам бермайди.
68. Аллоҳ мунофиқ эрларга, мунофиқ аёлларга ва кофирларга абадий қолинадиган жаҳаннам оташини ваъда қилган. Бу уларга муносиб жазодир! Аллоҳ уларни лаънатлади, уларга доимий азоб бордир.
Аллоҳ таоло мунофиқларнинг эркакларига ҳам, аёлларига ҳам бирдай жазони тайёрлаб қўйган: улар охират дунёсида абадий азоб ва қийноқлар жойи бўлмиш дўзахга ташланади. Бу уларнинг дунё ҳаётида қилган иккиюзламачиликлари, мунофиқликлари учун тайёрлаб қўйилган муносиб илоҳий жазодир! Чунки Аллоҳ уларни лаънатлаган, ким Парвардигорнинг лаънатига гирифтор бўлса, бундайларга охиратда туганмас ва аламли азоблар бордир.
69. (Эй мунофиқлар), худди олдингиларга ўхшайсизлар. Улар сизлардан кўра қувватлироқ, мол-дунё ва фарзандлари кўпроқ эди. Улар насибаларидан лаззатланишди, сизлар ҳам олдин ўтганлар каби насибангиздан лаззатландинглар, улар шўнғиган нарсага шўнғидинглар. Уларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетди ва уларгина зиён кўрувчилардир.
Яъни, олдин ўтган қавмлар дунё лаззатларига ғарқ бўлиб, охиратни буткул унутган, бу дунёдан оладиганларини тамоман олиб бўлишган эди. Эй мунофиқлар, сизлар ҳам барча кирдикорларингиз билан уларга ўхшадингиз, улар каби дунёга маст бўлдингиз, аммо шуни билингки, уларга Аллоҳ тарафидан қандай жазо келган бўлса, сизлар ҳам шундай азобга гирифтор бўласизлар.
70. Ўзларидан олдин ўтганлар, Нуҳ, Од, Самуд қавмлари, Иброҳим қавми, Мадян аҳолиси ҳамда яксон қилинган шаҳарлар хабари келмаганмиди?! Уларга пайғамбарлари очиқ-ойдин далиллар билан келишганди. Аллоҳ ўшанда зулм қилмади, улар ўзларига зулм қилишди.
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмини тўфон балоси билан, Од алайҳиссалом қавмини қайноқ шамол билан, Самуд қавмини қаттиқ қичқириқ билан ҳалок қилган, Иброҳим алайҳиссаломни омон қолдириб, қавмларини ғам-ташвиш ва шармандалик билан жазолаган, Мадян аҳолиси (Шуайб қавми) ни кучли овоз ва зилзила ёрдамида буткул йўқ қилиб юборган, Лут алайҳиссалом қавми яшаган Садум ва Ғоморра шаҳарларини ер билан битта қилиб яксон этган эди. Чунки улар пайғамбарлари келтирган очиқ-равшан далилларни кўриб-билиб ҳам Аллоҳга осийлик қилишган эди.
71. Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига ҳамкордирлар: яхшиликка буюришади, ёмонликдан қайтаришади, намозларини адо этишади, закотни беришади ҳамда Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилишади. Аллоҳ уларга раҳм қилади, Аллоҳ ҳақиқатан қудратли ва ҳикматлидир.
Аллоҳ таоло мўмин ва мўиналарнинг сифатларини баён этар экан, уларнинг яхши ишларда бир-бирларига ҳамкор бўлиб, ўзаро ёрдамлашишлари, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришлари, ибодатларни комил қилиб адо этишларини зикр этади. Қуръони каримда мўминларнинг сифатлари ҳақида шундай марҳамат қилинади: “Улар намозларида ўзларини камтар тутувчилар, улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчилар, закотни ато этувчилар, авратларини ҳаромдан сақловчилардир” (Муъминун, 2-5). Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бундай ҳадислари бор: “Мўмин киши мўмин кишининг кўзгусидир, унга қараб айбини тўғрилаб олади”. Бошқа бир ҳадисда Набий алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким бир мункар (ёмон) ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин. Агар бунга қодир бўлмаса, тили била қайтарсин. Агар бунга ҳам қурби етмаса, (ўша ишни) дили билан ёмон кўриб, ўша жойдан чиқиб кетсин. Учинчиси имонининг заифлигини билдиради”.
72. Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остларидан анҳорлар оқиб турувчи, абадий яшаладиган жаннат боғларидаги оромбахш масканларни ваъда қилган. Аллоҳ розилиги ҳаммасидан олийдир, ана шу улкан мукофотдир!
Юқорида мунофиқ эрлар ва мунофиқ хотинларнинг сифатлари зикр қилинган эди. Энди бу ўринда мўмин эрлар ва мўмина хотинларга хос васфлар баён қилинмоқда. Айтиляптики, улар кишиларни яхшиликка чорлашади, ёмон ишлардан қайтаришади, намозларини барча арконларига риоя этиб тўкис адо этишади, закотларини беришади. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари амр-фармонларининг ҳар бирига сўзсиз бўйсунишади, бу ишларда бир-бирларига ёрдам беришади. Шунинг учун улар илоҳий раҳматга мушарраф бўлишади. Аллоҳ таоло уларга мангу яшаладиган, остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғларини, улардаги доимий ором-фароғат ва лаззатларни ваъда қилган. Жаннатда улар Аллоҳнинг меҳмони сифатида барча неъматлардан баҳраманд бўлишади. Уларга жаннат неъматларидан ҳам улуғ мукофот – Аллоҳ таолонинг розилиги ва хушнудлиги насиб этади.
73. Эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқларга қарши жиҳод қилинг ва уларга қаттиқққўл бўлинг. Уларнинг жойи жаҳаннамдир, бу қандайин ёмон оқибатдир!
Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқларнинг кирдикорлари, ҳийлалари сизни ғафлатга солмасин, улар мўминларга асло хайрихоҳ эмас. Пайт пойлаб туриб, албатта уларга бир ёмонлик қилишга, доғда қолдиришга уринаверади. Шу боис, уларнинг ҳийла-найрангларига учмай, уларга қарши жанг қилинг, уларга қаттиққўл бўлинг. Улар куфрлари ва иккиюзлмачилик туфайли Аллоҳнинг динига тўсқинлик қиламиз, деб ўйлашади. Аммо асло бу ниятларига ета олишмайди. Аллоҳ азза ва жалла асло бундай кимсаларга йрдам бермайди, уларни ҳидоятга бошламайди. Уларга аламли азоб-қийноқлар жойи, абадий машаққат маскани бўлган дўзахни тайёрлаб қўйган ва улар ўша жойда мангу қолиб кетишади.
74. Улар гапирмадик, деб Аллоҳ номи ила қасам ичишади. Ҳолбуки куфр сўзини айтишган, Исломдан кейин яна куфрга қайтишган ва эриша олмайдиган нарсаларига қасд қилишган. Улар фазлидан бой қилиб қўйгани учунгина Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарини ёмон кўришади. Агар тавба қилишса ўзларига яхши бўлади. Бордию бош тортишса, Аллоҳ уларга дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли жазо беради, Ер юзида уларга бирор дўст ё мададкор бўлмайди.
Ушбу воқеа Пайғамбар алайҳиссалом Табук ғазотидан қайтиб келаётганларида содир бўлган. Фахри коинот одамларга тоғ йўлидан юражакларини маълум қилганларида, юзини яширган бир гуруҳ отлиқ мунофиқлар у зотга суиқасд қилишни режалайдилар. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини паноҳида асрагани учун душман режаси йўққа чиқади. Аллоҳ таоло мунофиқларнинг илгари ҳам куфрона сўзларни айтиб кейин бундан тонишганини, Ўзининг фазли билан бой-бадавлат қилиб қўйганига қарамай, улар ҳамиша Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилишларини эслатмоқда. Парвардигории олам уларни огоҳлантиряптики, агар тавба қилиб, Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига итоатда бўлишса, ўзларига фойда, аммо аксинча йўл тутишса, икки дунёда ҳам Аллоҳнинг қаттиқ жазосига гирифтор бўлишадики, бунда уларга ҳеч ким ёрдам бера олмайди.
Оятдаги “...эриша олмайдиган нарсаларига қасд қилишган” жумласи ҳақида Заҳҳок бундай деган: “Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кечаси тоғ йўлида ўлдиришга келишиб олишган эди. Қулай фурсат келишини пойлаб юришди. Тоғ йўлига киришганда баъзилари олдинга ўтиб, бошқалари орқада қолишди. Бу кечаси бўлган эди. Улар “Агар тоғ йўлига тушса, водийда туясидан тушириб даф қиламиз”, дейишди. Ўша кеча у зотнинг йўл бошловчилари Аммор ибн Ёсир, туя етакловчилари Ҳузайфа эди. Бирдан Ҳузайфа туяларнинг оёқ товушини эшитиб қолди. Ўгирилиб, юзларини тўсиб олган одамларни кўрди ва “Эй Аллоҳнинг душманлари, ўзларингни ҳимоя қилинглар”, деди. Буни эшитиб, улар тўхтаб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзлаган манзилларига эсон-омон етиб олдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
75. Улар орасида: "Агар У фазли билан бой қилса, садақалар бериб, яхши инсонлардан бўламиз", дея Аллоҳга ваъда берувчилар бор.
Мадина аҳлидан Саълаба исмли бир киши ансорийлар билан суҳбатлашиб ўтирганида: “Агар Аллоҳ таоло менга Ўз фазлидан мол-дунё ато этса эди, ҳар бир ҳақдорнинг насибасини ўрнига қўярдим, муҳтожларга садақалар берардим, қариндошларим ҳолидан хабар олардим”, деб ваъда берди. Оз фурсатда амакиваччаси вафот этиб, катта меросни қўлга киритди. Аммо берган ваъдаларидан биронтасини бажармади. Унга танбеҳ сифатида ушбу ояти карима нозил бўлди.
Ваъдага, берган аҳдномаларига вафо қилиш мўмин кишининг энг яхши фазилатларидандир. Ҳадиси шарифда “Ваъда – қарздир”, дейилган. Ваъдаларнинг энг улуғи банда билан Аллоҳ ўртасидаги аҳдлашув, ваъдадир. Чунки, Аллоҳ таоло оламни яратди, турли неъматларни берди ва бу ҳақиқатни банда билиши ва эътироф этишини, Аллоҳнинг меҳрибонлигидан бехабар бўлмаслигини, бууни инкор этмаслигини истади. Инсоннинг бу аҳдга вафо қилиши унинг дунёда карам ва улуғлик топишига, охиратда мағфират ва марҳаматга сазовор бўлишига василадир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Бани Исроил, сизларга қилган эҳсонимни эсланглар ва Менга берган аҳдларингга вафо қилинглар. Мен ҳам сизларга берган аҳдимдаман ва Мендангина қўрқинглар” (Бақара, 40).
76. Аллоҳ фазлидан берганида эса бахиллик қилиб, бош тортиб кетишди.
Аллоҳ таоло фазли-инояти билан фақир кишини бой, беморни соғ қилиб қўйсаю, аммо у берган ваъдасини унутиб, бахиллик йўлига ўтса, Парвардигори уни яна асли ҳолига келтириб қўйиши мумкин. Мусулмон киши ўтмишини тез-тез эслаб туриши, яхши кунлар ва беминнат неъматлар бергани учун Аллоҳга тинимсиз шукрда бўлиши лозим. Ахир ўйлаб кўринг: кечагина фақир ва муҳтож бир киши эдингиз, бугун эса Аллоҳнинг фазли билан бой одамга айлангансиз. Кеча бемор эдингиз, оғир бир дарддан азият чекаётган эдингиз, бугун эса дарддан фориғ бўлиб, соғ-саломатсиз. Ўтмишни унутиш, олдиндан шундай ҳолатда эдим, деб шукрдан юз ўгириш неъматга хиёнат саналади. Банда “Шифо берсанг, бой қилсанг, Сени унутмайман” деб ваъда берсаю аммо бажармаса, бундай бандасини Аллоҳ ҳам “унутади”, ўз ҳолига ташлаб қўяди, бераётган неъматларини, ризқини камайтириб қўяди. Чунки у ваъдасини бажармагани учун навбатдаги яхшилик ва неъматнинг заволига учрайди.
Мадинада Саълаба ибн Хатиб Ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзини дуо қилишларини сўраб, “Агар бойиб кетсам, барча ҳақдорларнинг ҳаққини адо этаман”, деб ваъда берди. Расули акрам дуоларидан кейин унинг қўйлари шунақанги кўпайиб кетдики, ҳатто Мадинага сиғмай, шаҳар ташқарисига кўчишга мажбур бўлиб қолди. У чорва билан овора бўлиб, жамоат намозларию жумага ҳам келишга имкон тополмай қолди. Закот фарз қилинганида эса бахиллик қилиб закот беришдан бош тортди. Мадинага қуруқ қўл билан қайтган закот йиғувчиларни кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Саълабанинг шўри қуриди”, дедилар. Аллоҳ таоло у ҳақда оят нозил қилиб, ундан закот олишни ман этди. Буни эшитиб у афсуслар ичра бошидан тупроқлар сочди, закотни олишни сўраб Пайғамбар алайҳиссаломга ёлборди. У зот Аллоҳнинг амрига қарши бормаслик учун ундан бирор нарсани олмадилар. У зотнинг вафотларидан кейин ҳазрати Абу Бакр ҳам, ҳазрати Умар ҳам, ҳазрати Усмон ҳам ундан закот олишмади. У ҳазрати Усмон даврларида вафот этди.
77. Шунда Аллоҳга берган ваъдаларини бузишгани ва ёлғон гапиришгани учун Ўзига рўбарў келинадиган кунгача улар дилида мунофиқлик бўлишини қисмат қилиб қўйди.
Юқорида зикр қилинганидек, ушбу ояти карима Саълаба ибн Хотиб Ансорий билан боғлиқ воқеа муносабати билан тушган. У Пайғамбар алайҳиссаломга: "Дуо қилинг, Аллоҳ менга кўп мол-давлат берсин", деб мурожаат қилади. Фахри коинот шукри қилинган оз молнинг серташвиш кўп молдан афзал эканини айтиб, уни бундан қайтармоқчи бўладилар. Аммо Саълаба қайта-қайта сўрайвергач, уни дуо қилдилар. У ниҳоятда бойиб кетди, мол-дунёга ҳирс қўйиб, берган ваъдаларини унутди, ҳатто закот беришдан бош тортди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом уни дуоибад қилдилар. Қўрқиб кетган Саълаба закотини олиб келди, лекин жаноб Пайғамбаримиз уни олмадилар.
78. Аллоҳ уларнинг сирларию яширинча гапларини ҳам, барча ғайбий нарсаларни ҳам билувчи эканини англашмасмикин?
Аллоҳ таоло бундай хасис ва бахил кимсаларнинг сирларини ҳам, уларнинг нима ҳақда ўйлаётганию нималарни одамларга яширинча сўзлаётганини билмайди, деб ўйлашадими? Бутун махлуқотларни яратган Парвардигор ударнинг барча сир-асрорларинию келажакда бўладиган ғайбий нарсаларни ҳам жуда яхши билувчи хабардор Зотдир. Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: “Агар ошкора гапирсангиз ҳам (ёки хуфёна гапирсангиз ҳам), албатта У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур” (Тоҳо, 7).
79. Мўминлардан ихтиёрий садақа қилувчиларни ва зўрға топган-тутганидан берувчиларни айблаб масхаралайдиганларни Аллоҳ масхаралаб қўяди ва уларга аламли азоблар бор.
Табук ғазоти олдидан Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларни Аллоҳ йўлида эҳсон қилишга чақирганларида Абдурраҳмон ибн Авф тўрт минг тилла танга, Абу Уқайл Ансорий исмли фақир бир саҳоба эса бир соъ (3 кило) хурмо келтириб беради. Мунофиқлар Абдураҳмон ибн Авфни "одамлар кўрсинга садақа қилган", Абу Уқайл Ансорийни эса "Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари манавининг бир соъ хурмосига зорми?" қабилида масхара қилишади. Уларга жавоб тариқасида ушбу ояти карима тушган.
Қатода ва бошқалар айтишади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни садақа қилишга ундадилар. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф ва “Эй Аллоҳнинг Расули, менда саккиз минг дирҳам бор эди, ярмини келтирдим, Аллоҳ йўлида ишлатинг, ярмини эса оилам учун олиб қолдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Берганингга ҳам, олиб қолганингга ҳам Аллоҳ барака берсин”, дедилар. Аллоҳ Абдурраҳмоннинг молига барака берди. Ҳатто у вафот этганида икки аёлига молининг саккиздан бир қисми тегди. Шунинг ўзи бир юз олтмиш минг дирҳам бўлди.
80. (Эй Муҳаммад), улар учун истиғфор айтсангиз ҳам, айтмасангиз ҳам барибир, ҳатто етмиш марта истиғфор айтсангиз ҳам Аллоҳ уларни асло мағфират қилмайди. Бу уларнинг Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига куфр келтирганлари учундир. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмайди.
Аллоҳ таоло айтяптики, эй Пайғамбарим, сиз юқоридаги каби Аллоҳнинг динини масхара қилувчилар учун кечирим сўранг ёки сўраманг, барибир Аллоҳ уларни кечирмайди. Чунки уларнинг гуноҳи Аллоҳ наздида ниҳоятда улкандир, улар ўзларининг куфрлари билан мағфират эшикларини тақа-тақ ёпиб қўйишган. Куфр Парвардигорингиз ҳузурида шунчалар улкан гуноҳ саналадики, У бандаларининг куфрдан бошқа барча гуноҳларини кечиради, куфрни эса асло кечирмайди. Яъни, сиз мунофиқларни кечиришни сўраб қанчалар дуо қилманг, кофирликлари учун Аллоҳ таоло уларни асло кечирмайди, тўғри йўлга бошламайди. Уламолар Аллоҳга ширк келтириш, Унинг ваҳийларини инкор этиш, Аллоҳ ва Пайғамбар шаънига ёлғон гапириш, ҳалолни ҳаром ёки аксинча ҳаромни ҳалол санаш кабиларни куфр, яъни кофирликнинг кўринишларидан деб билишган.
81. Жиҳоддан қолганлар Аллоҳ Пайғамбарига итоатсизлик билан бормай қолишганига хурсанд бўлишди, Аллоҳ йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилишни ёқтиришмади ва: "Иссиқда нима бор?" дейишди. "Жаҳаннам оташи бундан-да иссиқ!", денг. Буни англашса эди!
Мунофиқ кимсалар тил учида имонларини изҳор қилиб туришса ҳам, аслида мусулмонларга ашаддий душман эдилар. Бу нарса Табук ғазоти пайтида ҳам яққол намоён бўлди. Улар олис жойда ва кун иссиғида бўладиган бу ғазотга бормасликка баҳона излаш билан кифояланмай, бошқаларни ҳам унга бормасликка ундашди. Ҳақ борасида мусулмонлар орасига шубҳа солиш, одамларни ғазотдан қайтариш ва бу билан Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ташвишга солиш учун бир-бирларига “Кун иссиғида урушга чиқманглар”, деб фитна чиқара бошлашди. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига буюряптики, эй Ҳабибим, моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жанг қилишни истмаётган ва кун иссиғини баҳона қилаётганларга айтингки, дўзах оташи олдида бу иссиқлар нима ҳеч нарсага арзимайди, иссиқни сабаб қилиб жангдан қолаётганлар бу қилмишлари билан буюк бир саодатдан маҳрум бўлишаётганини билишармикин?
82. Бироз кулиб туришсин, ҳали қилмишлари учун кўп йиғлашади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотга жўнаш олдидан саҳобаларини иона қилишга чақирганларида Абдураҳмон ибн Авф ва Осим ибн Адийлар катта миқдордаги молларини садақа қилишди. Шунда мунофиқлар: “Улар буни риё (одамлар кўрсин) учун қилишди”, деб уларнинг устидан кулишга ҳам баҳона топишди. Мунофиқлар зўрға топиб-тутиб бир соъ (уч килодан ортиқроқ) хурмо садақа қилган Бану Унайф уруғидан Абу Уқайл деган кишининг устидан кулишга ҳам шундай топишди: “Аллоҳ Абу Уқайлнинг бир соъ хурмосига зормиди?”. Аллоҳ таоло уларни огоҳлантиряптики, майли, ҳозирча кулиб тураверинглар, ҳали қилмишларингиз учун кўп йиғлашингизга тўғри келади.
83. Аллоҳ улардан бир тоифасига сизни рўпара қилганида урушга чиқишга сиздан ижозат сўрашса: "Мен билан асло чиқмайсизлар ва мен билан бирга ҳеч қачон душманга қарши жанг ҳам қилмайсизлар, олдинги сафар чиқмасликка рози эдинглар, энди ҳам қолаверинглар", денг.
Пайғамбар алайҳиссалом мунофиқларни урушга чақирганларида улар биринчи сафар қийинчилик ва иссиқдан қочиб, бемор, кекса ва заиф кишилар қатори уйларида қолишди. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига Табукдан қайтилгач, келаси урушга чиқишга изн сўрашса, юқоридагидай жавоб қайтаришни таълим беряпти. Яъни, бу гал улар сиздан ижозат сўрагудай бўлишса, айтингки: “Энди асло мен билан ғазотга чиқмайсизлар, мен билан жанг қилиш энди сизларга насиб бўлмайди. Олдинги сафар жангдан қолишга баҳона излаб, мендан рухсат сўраб юрган эдинглар, энди бу гал ҳам Аллоҳ сизларнинг жангга чиқишингизга муҳтож эмас!”.
84. Ва улардан ўлганларнинг бирортасига ҳам жаноза ўқиманг ва қабри тепасида турманг. Чунки улар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига куфр келтиришди ҳамда фосиқларча ўлишди.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “(Мунофиқлардан) Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул вафот этгач, унинг ўғли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Менга кўйлагингизни беринг, отамни шу кўйлагингиз билан кафанлайман, унинг учун истиғфор айтинг”, деди. У зот кўйлакларини бериб, “Менга қачонлигини айтсанглар, бориб жаноза ўқийман”, дедилар. У кейин Пайғамбаримизга хабар етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноза намози ўқимоқчи ўлганларида Умар ибн Хаттоб у зотни тортиб: “Аллоҳ сизни мунофиқларга жаноза ўқишдан қайтармаганмиди?” деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Мен икки ихтиёрнинг орасидаман: ё улар учун истиғфор айтаман ёки айтмайман”, дедилар ва намоз ўқидилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга жаноза намози ўқишни тарк этдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу оят тушгач, ҳеч бир мунофиққа жаноза намози ўқишга ижозат қолмади. Жанозасини ўқиш, қабри тепасида туриш марҳумни ҳурматлаш ва эъзозлаш, мунофиқлар эса бунга муносиб эмас. Муфассирлар айтишади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Убай борасида қилган ишлари ҳақида гапириб: “Менинг кўйлагим ва намозим унга Аллоҳ ҳузурида бирор нарсада асқотмайди. Аллоҳга қасамки, мен шулар сабабли унинг қавмидан минг кишининг Исломга киришини умид қилган эдим”, дедилар.
85. Уларнинг мол-дунёлари ва фарзандлари кўплиги сизни таажжубга солмасин. Аслида Аллоҳ шу сабабли уларни дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишини истайди.
Дунё лаззатини излаган киши унинг матоҳларига муҳаббат қўяди. Бола-чақасининг кўплиги, мол-дунёсининг бисёрлиги, уйларининг муҳташамлиги, уловларининг чопқирлиги билан фахрланади, мақтанади. Охират лаззатини истаган киши эса дунёнинг зийнат ва ҳашамларига унча кўнгил қўймайди, уларни бир тирикчилик воситасигина деб билади. У кўпроқ Аллоҳ розилигини топиш, охират тадоригини кўриш, тоат-ибодат билан машғул бўлади. Аллоҳ таоло мўминларни огоҳлантиряптики, сизларни куфр келтирган, фосиқ кимсаларнинг дунёда эришган мавқе ва бойликлари ажаблантирмасин, ҳаваслантирмасин. Сизларнинг уларга ҳавас билан қарашингиз уларнинг ҳақ йўлда эканини ёки ҳурмат-эҳтиромга лойиқлигини билдирмайди. Улар ҳеч бир ҳурмат-эътиборга муносиб эмаслар. Куфр, мунофиқлик ва фосиқликлари туфайли бунга мутлақо муносиб эмаслар. Мол-дунёлари, бола-чақалари уларга бу дунёнинг азобидир. Мол-дунё топиш учун эртадан-кечгача елиб-юугуришади, бу билан Аллоҳга итоатни унутишади, оқибатда икки дунёларини ҳам бой беришади. Бутун умрлари, куч-қувватлари, ақл-заковатлари ва вақту имкониятларини бойлик топишга, “яхши яшаш”га сарфлашади. Тўғри йўлни топишга, ўзларини ўнглашга вақтлари ҳам, имконлари ҳам бўлмай, дунёдан фосиқликда ўтиб кетишади. Аллоҳ уларни шу тарзда дунёда азоблашни, кофир ҳолларида жон беришларини ирода қилган.
86. "Аллоҳга имон келтиринглар ва Унинг Пайғамбари билан жиҳод қилинглар" деган хабар туширилганида уларнинг бадавлатлари: "Бизларни қўяверинг, қолувчилар билан бирга бўлайлик", деб сиздан ижозат сўрашади.
Дунёга муҳаббат қўйган бундай кимсалар бу билан шунчалик ўралашиб қолишадики, ҳатто уларга Аллоҳга имон келтириш ва Унинг Пайғамбари билан душманга қарши жангга чиқиш таклифи айтилганда дарров бундан қочиш учун турли баҳоналар излашга тушади. Дунёни яхши кўришлари туфайли ором-фароғатлари бузилишини исташмайди, “Бизларни қўяқолинглар, яхшиси уйда қолганлар билан қолақолайлик”, деб улуғ бир маъракадан бўйин товлашади. Бундай мунофиқ кимсаларнинг ҳоли шу: мўмин киши имони йўлида ҳар нарсага тайёр турса, мунофиқ кимса ўз роҳати ва манфаатини имондан ҳам устун қўяди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Бунга сабаб уларнинг (тилларида) имон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (ҳақиқатни) англай олмаслар” (Мунофиқун, 3).
87. Улар хотин-халаж билан қолишга ҳам рози бўлишди, шунда дилларига муҳр урилдики, буни англашмайди.
Қуръони каримнинг қай бир сурасида "тўла имон келтиринглар ва чин ихлосли бўлинглар", дейилган бўлса, бунинг улуғ кўриниши Саййиди олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга жиҳодга чиқишда намоён бўлади. Лекин бой-бадавлат ва барча имкониятларга эга мунофиқлар шундай буюк мақомга эришиш ўрнига ёлғон узрларни пеш қилишди, номардлик қилиб, уйдаги хотин-халаж ва ожизлар билан қолишга ҳам рози бўлишди. Ёлғонлари ва итоатсизликлари касофатидан диллари шунчалик қаттиқ муҳрландики, катта-катта айблари кўзларига кўринмай қолди, жиҳоднинг фазилатини англашмади, уйда қолишдан уялиш ўрнига жонларини ва молларини асраб қолишганига ҳатто хурсанд ҳам бўлишди.
88. Лекин Расул ва у билан имон келтирганлар моллари ва жонлари ила жиҳод қилишди. Барча яхшиликлар уларгадир, ўшаларгина нажот топишади.
Мунофиқлар Аллоҳнинг йўлида жанг қилишдан қочиш пайида бўлган, бунга молларини сарфлашда ўта бахиллик қилиб турган бир пайтда Аллоҳнинг Расули ва у зот билан бирга имон келтирган саодатманд кишилар молларию жонларини бахшида этиб, жангга отланишди. Дунё ва охиратдаги барча яхшиликлар ана шундай фидойи инсонларга насиб бўлади, ана шуларгина барча инсонлар саросима- қўрқувда турган таҳликали дамларда Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлиб, нажот топишади.
89. Аллоҳ уларга остларидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий қолинадиган жаннатларни тайёрлаб қўйган, ана шу энг улуғ саодатдир!
Мунофиқлардан фарқли равишда Аллоҳга чин имон келтириб, Унга ҳамиша тоатда бўлган, Аллоҳ йўлида молларию жонларини нисор қила олган мўминлар учун Парвардигорлари охиратда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мукофотларни тайёрлаб қўйган. Булар мангу роҳат-фароғатда яшаладиган, остларидан анҳорлар оқиб турувчи сўлим жаннат боғларидир. Бундан ҳам эътиборлиси Аллоҳнинг розилиги ва жамолига мушарраф бўлишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар эса, (билиб қўйишсинки) Биз албатта яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмаймиз. Айнан улар учун остларидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатлар бор бўлиб, улар у жойда олтин билакузуклар билан безанурлар ва яшнаб турган шойи либослар кийиб, сўриларда ястаниб ўлтирурлар. Нақадар яхши мукофот у, нақадар гўзал жой у!” (Каҳф, 30-31).
90. Аъробийларнинг узр туфайли изн сўровчилари келишди, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ёлғон гапирганлари эса уйда қолишди. Уларнинг кофирларига аламли азоб етади.
“Аъробийлар” саҳрода ҳаёт кечирадиган араб қабилаларининг вакилларидир. Ибн Исҳоқнинг ёзишича, “узрли саналганлар” Бану Ғифорлик бир гуруҳ кишилар бўлиб, Хифоф ибн Аймо ибн Рахаса ҳам улардан эди. Булар жуда камбағал бўлишгани учун ғазотга боришга на уловлари, на бирор егуликлари бор эди. Аммо шунда ҳам улар ўзларига улов берилса, ғазотга чиқишга шайликларини билдиришди. Аммо ҳамма нарсаси тўла-тўкис бўлса ҳам Аллоҳнинг фарзини инкор этиб, ғазотдан қолиш учун Аллоҳга ва Унинг Расулига ёлғон баҳоналарни келтирган ва уйларида қолганларнинг кофирларига охиратда аламли азоблар тайёрлаб қўйилган. Бағавий тафсирида келтирилишича, Заҳҳок раҳимаҳумуллоҳ ушбу оят тафирида шундай деган: “Узр айтганлар” Омир ибн Туфайл қавмидан эди, улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Агар сиз билан бирга жангга чиқсак, Той қабиласи йигитлари келиб, аёлларимиз ва чорваларимизга ҳужум қилишларидан қўрқамиз”, деб сохта узр айтишган. Шунда Расули акрам: “Сизлар ҳақингизда менга Аллоҳ билдирди”, деганлар, яъни уларнинг ёлғон баҳоналарини фош қилганлар.
91. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига содиқ бўлишса, нотавонларга, беморларга ва харжлайдиган нарсаси йўқларга гуноҳ бўлмайди, яхшилик қилувчилар айбланмайди. Аллоҳ кечирувчи ва меҳрибондир!
Ислом инсонпарвар дин бўлгани учун ўзлари Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ихлосли бўлганлари ҳолда жанг қилишга ярамайдиган, қари-қартанг, бемор, нотавон, майиб-мажруҳ кишиларни урушга жалб қилмайди. Шунингдек, ҳеч нарсаси бўлмаган, жанг қилишга керакли харажатларни кўтара олмайдиган бечораҳол одамлар ҳам урушга чақирилмайди. Бундайларнинг урушга бормаслиги айб ҳам, гуноҳ ҳам эмас. Чунки бу дин инсонни тоқатидан ортиқча нарсага буюрмайди. Аммо бундай кишилар юрт бошига ташвиш тушганда томошабин бўлиб турмай, ўзларига мос ишлар билан машғул бўлишлари, яъни қолган ҳовли-жой, мол-мулкларни қўриқлашлари, аёллар ва болаларнинг юмушларига ярашлари, ҳеч бўлмагандан амри маъруф, наҳйи мункар, тарғибот ишларини олиб боришлари зарур бўлади.
92. Сиздан улов сўраб келишганида: "Сизларни миндирадиган ҳеч нарсам йўқ-ку!" деганингизда ғамгин бўлиб, кўзидан ёш оқизиб кетганларга ҳам таъна қилинмайди.
Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан улов сўраганида у зот иложсизликларини айтганларида маҳзун бўлиб йиғлаган кишилар ҳақидадир. Улар етти киши эди: Маъқол ибн Ясор, Соҳир ибн Қунайс, Абдуллоҳ ибн Каъб Ансорий, Солим ибн Умайр, Саълаба ибн Ғонам, Абдуллоҳ ибн Маъфал (еттинчиларининг номи келтирилмаган) эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ азза ва жалла бизни сиз билан (жангга) чиқишга чорлади, бизга улов топиб беринг, сиз билан бирга ғазот қиламиз”, дейишди. Шунда у зот: “Сизларни миндиришга бирор нарса топа олмадим”, дедилар. Улар бу гапни эшитиб, йиғлаб қайтиб кетишди. Мужоҳид: “Бу оят Миқроннинг ўғиллари Маъқал, Сувайд ва Нўъмон ҳақида нозил бўлган”, дейди.
93. Бадавлат бўлатуриб, сиздан ижозат сўрайдиганларни таъна қилиш керак. Улар хотин-халаж билан қолишга рози бўлишди. Аллоҳ улар дилига муҳр урди, ҳеч нарсани билишмайди.
Аммо одамлар орасида шундай тоифалари ҳам борки, уларнинг куч-қуввати етарли, бой-бадавлат. Аммо улар шунга қарамай, душманга қарши жангга боришдан бўйин товлашади. Урушишдан кўра, хотин-халаж, бола-бақра билан қолишни афзал кўришади, жанг қилмаслик учун турли баҳоналар билан Аллоҳнинг Расули ҳузурига узр сўраб келишади. Аллоҳ уларнинг қалбига муҳр босиб қўйгани учун улар ҳеч нарсанинг фарқига боришмайди, уларда ҳиммат ҳам, ор-номус ҳам, ғурур-ҳамият ҳам қолмаган. Урушга чиқмай қолганлари учун айбдор бўладиганлар, гуноҳга ботадиган ва жазога тортиладиганлар ана шундайлардир.
94. (Эй мўминлар), уларнинг олдига қайтганингизда улар сизлардан узр сўрашади. “Узр сўраманглар, сизларга асло ишонмаймиз, Аллоҳ бизларга аҳволингизни билдирди, Аллоҳ ва Унинг Расули кузатиб турибди, сўнгра махфийни ҳам, ошкорани ҳам билиб турувчи Зотга қайтариласиз, шунда У қилмишларингизнинг хабарини беради”, денглар.
Барча имкониятлари бўлатуриб урушга боришдан бўйин товлаган кимсалар мусулмонлар жангдан зафар билан қайтиб келишса энди улар олдида тилёғламаликни бошлашади, йўқ ердаги баҳоналар билан узрхонликларини бошлаб юборишади. Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўз Расули ва мўминларни огоҳлантиряптики, уларнинг топган узр-баҳоналарига асло ишонманглар. Уларга: “Аллоҳ сизларнинг ниятларингизу қилмишларингизни бизга аён қилиб қўйди, чунки У Зот бандаларининг хоҳ ошкора, хоҳ пинҳона – барча қилмишларини кўриб-билиб туради. Қиёматда Унинг ҳузурига албатта қайтариласиз, ўшанда сизларнинг урушга бормаслик учун топган барча баҳоналарингизни фош этади”, деб айтинглар.
95. Олдиларига қайтган вақтингизда уларга эътибор бермаслигингиз учун Аллоҳ номи билан қасам ичишади. Улардан юз ўгиринглар. Улар ҳақиқатан нопокдирлар ва қилмишларининг жазоси учун борар жойлари дўзахдир.
Яъни, бундай кимсалар жангдан қайтган мўминлар қаршисида ўзларини оқлаш учун турли узр-баҳонлар излаш билангина овора бўлиб қолишмайди. Энди улар узрларига бошқаларни ишонтириш учун Аллоҳнинг номи билан қасам ичишдан ҳам тап торишмайди. Эй мўминлар, бундай нопок, ҳамиятсиз, мунофиқ кимсалардан юз ўгиринглар. Қилмишлари туфайли уларнинг борар жойлари албатта дўзах бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар, ўзингиздан бўлмаганларни дўст тутманглар, улар сизга зарар етказиш пайидан бўлишади, машаққатда қолишингизни исташади. Тилларидан душманликлари маълум бўлса-да, дилларидаги пинҳона адоватлари янада каттароқ. Агар оқил бўлсанглар, сизларга оятларни очиқ баён қилдик” (Оли Имрон, 118).
96. Улардан рози бўлишингиз учун қасам ичишади, ваҳоланки, сизлар улардан рози бўлсангиз ҳам Аллоҳ бу итоатсиз қавмдан асло рози бўлмайди.
Юқорида зикр этилган мунофиқ, иккиюзлмачи, ҳамиятсиз кимсаларнинг иши ҳамиша шундай бўлган: улар Аллоҳнинг розилигини эмас, балки банданинг розилигини олишга уринади. Дилида мўмин-мусулмон бўлмаса ҳам, одамларга ўзини мўмин-мусулмон сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Оятларда зикр этилаётган узрсиз урушдан бош тортганлар Аллоҳдан қўрқмай, ёлғон баҳона тўқиб, урушга бормадилар. Энди эса Аллоҳга тавба-тазарру қилиш ўрнига, бандаларга узр айтмоқдалар. Аллоҳ мўминларни уларнинг қилмишидан огоҳлантириб, шундай марҳамат қилади: “Сизларга яхшилик келса, бу уларни хафа қилади, кулфат етса, севинишади. Агар сабр ва тақво қилсанглар, уларнинг найрангларидан сизларга ҳеч бир зарар етмайди. Аллоҳ албатта уларнинг қилмишларини иҳоталаб туради” (Оли Имрон, 120).
97. Аъробийлар куфрда ва мунофиқликда қаттиқроқ ҳамда Аллоҳ Ўз Расулига нозил қилган нарсалар чегарасини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир.
Муфассирларнинг ёзишларича, ушбу оят Асъад ва Ғатафон қабилаларидаги ва Мадинада ҳозир бўлган саҳройилар (аъробийлар) ҳақида нозил бўлган. Саҳронинг бошқа жойларида яшагани каби бир қанча аъробий Мадина атрофларини ҳам макон тутган эди. Улар Исломга киргунларича мусулмонларга қарши бир неча бор ҳужум қилиб, уларга кўп азиятлар етказишган эди. Аъробийлар асосан саҳронинг қийин табиий шароитида яшашгани учун улар табиатида қўполлик, дағаллик, жоҳиллик ва қайсарлик каби хислатлар устунлик қилган. Ушбу оятда Аллоҳ таоло уларнинг куфрда ҳам, мунофиқликда ҳам бошқаларга қараганда қаттиқроқ бўлишларининг хабарини беряпти. Ана шу жоҳилликлари туфайли аъробийлар Аллоҳ Ўз Расулига нозил қилган шаръий ҳукмларнинг чегарасини унча билишмайди ва бунинг натижасида Аллоҳнинг амрларидан чекинишаверади.
98. Аъробийлар орасида шундайлари борки, улар қилган садақасини зиён деб билади, сизларга бирор бало келишини кутиб туради. Ёмон балолар ўзларига ёпишсин! Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.
Мадина аҳолиси ичида мунофиқлари бўлганидай, шаҳар атрофидаги саҳрода яшовчи аъробийлар (саҳройи кишилар) орасида ҳам мунофиқлари етарли эди. Бир гуруҳ ихлосли аъробийлар ғазотга чиқиш истагида Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига улов сўраб боргани ҳолда уларнинг мунофиқлари жангга бориш уёқда турсин, ҳатто ғозийларга моддий ёрдам кўрсатишдан ҳам бўйин товлашди. Уларга қилган садақа-эҳсонимиз туфайли зарарга кириб қоламиз, деб хавотирга тушишди. Шунинг учун жангда мусулмонлар бошига бирор мусибат тушишини, уларни душмандан енгилишини интизор бўлиб кутиб туришди. Аммо уларнинг бундай ёмон ниятлари ўзларига ёпишади, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг дилидагию тилидагини эшитиб, билиб туради.
99. Аъробийлар орасида Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадиган, қилган садақа-эҳсонлари Аллоҳ ҳузурида қурбатга ва Расулнинг дуосига етиш деб биладиганлари бор. Ҳақиқатан, ўша садақа-эҳсонлар ўзлари учун қурбатдир. Аллоҳ уларни яқинда раҳматига олади. Аллоҳ албатта мағфиратли ва меҳрибондир.
Бу оятда зикри келган аъробийлар чин ихлосли, мўмин-мусулмон аъробийлардир. Улар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган саодатманд кишилардир. Шу боис улар иймонлари даъватига қулоқ солиб, Аллоҳнинг йўлида инфоқ-эҳсон қилишга, камбағаллар ҳолидан хабардор бўлишга, Аллоҳ йўлида мол сарфлашга интиладилар. Қилган инфоқ-эҳсонлари мунофиқлардан фарқли равишда уларни хурсанд қилади. Улар эҳсон-садақа қилсак, зиён кўриб қоламиз деб ўйлашмайди, аксинча қилган эҳсонлари Аллоҳга қурбат – яқинлик ҳосил қилишнинг ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига эришишнинг энг яхши йўлларидан бири, деб тушунишади. Кечирувчи ва бандаларига меҳрибон бўлган Парвардигорлари яқинда уларни Ўз раҳмати билан ўраб олади ва олий мукофотлари – Ўз розилиги ва жаннати билан тақдирлайди.
100. Аллоҳ муҳожир ва ансорларнинг аввалги пешқадамларидан ва яхши ишларда уларга эргашганлардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлишди. Яна У улар учун остидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий яшаладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу энг олий саодатдир!
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонлар ичидан Ўзи рози бўлган уч тоифасини зикр этмоқда. Буларнинг биринчиси “муҳожирлар”, яъни Мадинага кўчганлардир. Улар Маккаи мукаррамада биринчи бўлиб иймонга келган, кофирларнинг озор-ситамларига чидаган, уларнинг зулмларига бардош берган улкан саҳобийлар эди. Уламолар «Ушбу оятда сифатланаётган муҳожирлар Бадр урушига қадар Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилган саҳобалардир», дейишади. Иккинчи қисм – «ансорийлар», яъни Мадина аҳлидан биринчи бўлиб Исломга келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Ақабада байъат қилган, дин қардошларини юртлари Мадинага таклиф этган, маккаликлар ҳижрат қилиб борганларида уларга ўзлари емай едирган, ўзлари киймай кийдирган, уйларини, молу мулкларини бўлиб берган, дину диёнатлари учун молу жонларидан кечишга тайёр турган мадиналик пешқадам мусулмонлардир. Учинчи қисм эса, пешқадам муҳожир ва ансорийларга яхшилик билан эргашганлардир. Улар пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин Исломга кириб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор кишилар бўлишган. Аллоҳ таоло буларнинг барчасидан рози бўлган ҳамда улар учун остларидан анҳорлар оқиб турувчи, мангу роҳат-фароғат диёри бўлмиш жаннатларни тайёрлаб қўйган.
101. Атрофингиздаги аъробийлар ва Мадина аҳли орасида мунофиқлари бор, улар нифоқларида доимийдирлар. (Эй Муҳаммад), сиз уларни билмайсиз, уларни Аллоҳ билади. Уларни икки бор азоблаймиз, сўнгра улкан азобга қайтарилурлар.
Мадина атрофидаги саҳроларда яшовчи аъробийлар (саҳройи оми кишилар) орасида ҳам, шаҳар аҳолиси ичида ҳам иккиюзламачи мунофиқлар бор эди. Уларнинг нифоқлари ҳеч кимга, ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломга ҳам яхши маълум эмас эди. Аллоҳ таоло шунинг учун Ўз пайғамбарини огоҳлантиряптики, улар асло нифоқларидан қайтишмайди. Сиз уларнинг ичини ва ниятини билмайсиз, уларни Аллоҳ билади. Аллоҳ таоло бу мунофиқларни икки марта жазолашга ваъда беряпти: бири шу дунёдаги ҳаётларида, иккинчиси ўлганларидан кейин қабрларида бўлади. Кейин эса қиёматда буюк азоб бўлган дўзах оловига ташланади.
Муфассирларнинг айтишларича, икки фариштанинг сўроғи ва қабр фитнаси ҳақидаги ҳадисларда кофир банда тилга олинганида баъзи ривоятларда “мунофиқ” сўзига алоҳида урғу қилинади: Анаснинг ҳадисларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аммо кофир ва мунофиққа шундай деб айтилади...”; Асмонинг ҳадисларида эса “Мунофиқ ва шаккокка шундай деб айтилади...”; Абу Ҳурайранинг ҳадисларида “Агар у мунофиқ бўлса, шундай деб айтилади...” дейилган. Калбий айтадики, “Бу оят Жуҳайна, Музайна, Ашжаъ, Аслам ва Ғифор қабилалари ҳақида нозил бўлган. Мадина аҳлларидан эса Абдуллоҳ ибн Убай, Жадд ибн Қайс, Маътаб ибн Башир, Жаллос ибн Сувайд, Абу Омир Роҳиб ҳақидадир”.
102. Яна бошқалари ҳам борки, гуноҳларига иқрор бўлишди, улар яхши амални ёмонига аралаштириб юборишган. Шоядки, Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилса! Аллоҳ албатта кечирувчи ва меҳрибондир.
Ибн Волибийнинг ривоятида Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) айтади: “Бу оят Табук ғазотига бормай қолган Абу Лубоба ва унинг шериклари ҳақида нозил бўлган. Сўнг улар қилган ишларига кўп пушаймон бўлиб, афсус-надоматлар қилишди ва: “Биз бошпаналарда, соя-салқин жойларда, аҳли-аёллар ёнидамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари эса, жиҳодда юришибди. Аллоҳга қасамки, биз ўзимизни устунларга боғлаймиз. То Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари келиб, озод қилиб-бўшатиб юбориб, кечирмагунларича ўзимизни бўшатмаймиз”, дейишди. Шундай деб ўзларини масжид устунларига боғлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтгач, уларни кўриб: “Булар кимлар?” деб сўрадилар. “Сиз билан бирга жиҳодга бормай қолганлар. Шунинг учун улар то сиз келиб, уларни озод қилмагунингизча ва улардан рози бўлмагунингизча ўзларини озод қилмасликка Аллоҳга аҳд беришган”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ номи билан қасамки, Аллоҳ уларни озод қилишга буюрмагунича, мен ҳам уларни кечирмайман, озод ҳам қилмайман. Улар мендан юз ўгиришди ва мусулмонлар билан бирга ғазот қилишдан қолишди”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни озод қилдилар ва кечирдилар”.
103. (Эй Муҳаммад), уларнинг молларидан бир қисмини уларни поклаб-тозалаш учун садақа сифатида олинг ва улар учун дуо қилинг. Сизнинг дуойингиз албатта уларга тасаллидир. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.
Ғазотга чиқмай, ўзларини масжид устунига боғлаб олган юқоридаги ўн киши озод қилингач: “Эй Аллоҳнинг Расули, мана бизни сиз билан жиҳодга бормай қолишимизга сабаб бўлган молларимиз... Бу молларни бизнинг номимиздан садақа қилиб юборинг, покланг ва бизлар учун истиғфор айтинг, токи бизга бир тасалли бўлсин”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен молларингиздан бирор нарса олишга буюрилмадим”, дедилар. Кейин Аллоҳ азза ва жалла юқоридаги оятни нозил қилди.
Тафсирларда зикр қилинишича, мазкур оятдаги “дуо” сўзининг икки хил маъноси бор: унинг луғавий маъноси дуо, шаръий маъноси эса намоздир. Бу ерда гапнинг оқими дуони тақозо қилади. Оятда мусулмонларнинг молларини поклаш учун улардан садақа-закотни қабул қилиб олиб, уларнинг ҳаққига дуо қилиш буюриляпти.
104. Улар Аллоҳгина Ўз бандаларининг тавбасини қабул қилишини ва садақаларини ҳам қабул этишини, Аллоҳгина тавбаларни қабул қилувчи меҳрибон Зот эканини билишмайдими?
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, Аллоҳгина Ўз бандаларининг тавбасини қабул қилади, бунга ҳатто Унинг Расули ҳам ҳақли эмас. Наҳотки мазкур ўн киши буни билмайди? Яъни, бундай ишларни фақат Аллоҳнинг Ўзигина қилади. Шунинг учун Абу Лубоба ва шериклари «Расулуллоҳ бизни кечириб, ечмагунларича, ўзимизни ечмаймиз», дейишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан амр бўлмагунча ечмай турдилар. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бунга ҳақлари йўқ эди. Улар садақаларини олиб келишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан амр бўлмагунича олмай турганларининг сабаби ҳам шу эди.
105. “Амал қилаверинглар, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалларингизни албатта кўришади. Яқинда пинҳон ва ошкора нарсаларни билувчи Зотга қайтариласизлар, шунда У барча ишларингизнинг хабарини беради”, денг.
Яъни, эй Пайғамбарим, ўша одамларга айтингки, уларнинг тавбалари холис бўлганми-йўқми, яқинда аён бўлади, чунки Аллоҳ ҳам, Унинг Расули ҳам, барча мўминлар ҳам уларнинг қилмишларини кўриб туришибди. Тавба ва надоматни очиқ кўрсатувчи шундай аломатлар борки, улар банданинг тавбадан кейин ўзини қандай тутишига боғлиқ бўлади. Баъзи уламоларимиз «Бундай ҳолларда бир йил давомида тавба қилувчини кузатилади. Ана ўша муддатда у ўзи тавба қилган гуноҳни такрорламаса, тавбаси ҳақиқий бўлади», дейишган. Бандаларнинг қалбидаги пинҳона ва ошкора нарсаларни ҳам, келажакда содир бўладиган ғайбий нарсаларни ҳам яхши билиб турувчи улуғ Зот ҳузурига қайтилганда ҳаммаси ошкор бўлади. Ўшанда Аллоҳ азза ва жалла бандаларининг қилган барча амалларинию тавбалари холис бўлганми-йўқми, бунинг ҳам хабарини беради.
106. Яна Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола этилган бошқалар ҳам борки, уларни ё азоблайди ёки тавбаларини қабул қилади. Аллоҳ билимли ва ҳикматлидир.
Табук ғазоти бошланиб, кўпгина саҳобийлар Пайғамбар алайҳиссалом бошчиликларида олис ва машаққатли сафарга жўнашганида Мадинада уч киши – Каъб ибн Молик, Ҳилол ибн Умайя ва Мурора ибн Рабийълар айрим сабаблар билан қолиб кетган эди. Расулуллоҳ сафардан қайтганларида улар у зотнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб, нега бормаганлари узрини айтишди ва хатоларига иқрор бўлиб, ўзларини Аллоҳ ва Унинг Расули ҳукмига топширишди. Пайғамбар алайҳиссалом илоҳий ҳукм бўлмагани учун барча саҳобаларига ўша уч киши билан муомала қилишни тақиқлаб қўйдилар. Ҳамма ғазотга бормаганларни маломат қилиш учун улар билан гаплашмай қўйди. Эллик кунча улар мусулмон умматидан ажраб, мубҳам бир аҳволда қолишди. Шунда улар ҳақида ушбу суранинг 118-ояти нозил бўлди, уларнинг тавбаларини Аллоҳ таоло қабул қилди ва авф этилишди.
107. Яна шундайлар ҳам борки, улар зарар етказиш ва куфр учун, мўминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда олдин Аллоҳ ва Унинг Расулига қарши бўлган кимсага хушомад учун бир масжид қуриб олишди. Улар “Биз яхшиликдан бошқа нарсани истамаганмиз”, деб қасам ҳам ичишади. Аллоҳ шоҳидки, улар ғирт ёлғончилардир!
Мунофиқлар Аллоҳнинг Расулига ва мусулмонларга зарар етказиш мақсадида бирор соат ҳам тинч туришмайди. Мусулмонларнинг Қубода ва Мадинада масжид қуриб, илму ирфон тарқатаётганини кўриб, улар ҳам бир масжид қуришга киришишди. Аммо уларнинг нияти бу масжидда Аллоҳга тоат-ибодат қилиш эмас, балки мўминлар ўртасига тафриқа (иттифоқсизлик) солиш, уларга зиён етказиш, фитна-фасод тарқатиш бўлган. У кўринишидан масжидга ўхшатиб қурилган бўлса ҳам аслида Аллоҳ ва Унинг Расулига ашаддий душман бўлган роҳиб Абу Омир Хазражий (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Абу Омир Фосиқ деб номлаган эдилар) деган бир бузғунчи кимсага ёқиш ва уни имом қилиш учун бино қилинган бир фасодхона эди. У Шомга боргач, мунофиқларга “Кучинглар етганича қувват ва қурол-яроғ тайёрланг, мен Рум Қайсари (ҳукмдори) олдига кетяпман, Рум қўшинларини бошлаб бораман, Муҳаммад ва асҳобларини Мадинадан қувиб чиқараман”, деган хабар жўнатган эди. Масжид битгач, уни қурган мунофиқлар Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ўша масжидга келиб, намоз ўқиб беришларини орзу қилишди. Табукдан қайтиб келаётганларида Жаброил алайҳиссалом Фахри коинотга (алайҳиссалом) ушбу оятларни олиб келди. У зот икки саҳобийни юбориб, ўша фасод уйни буздиртириб, сўнг ўт қўйдириб юбордилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳудан қизи Оиша ривоят қилади: “Мунофиқлар Қубо масжидига қиёслаб-тенглаштириб яқинида бир масжид қуришди. Сўнг роҳиб Абу Омирни кутиб туришди, у келиб, масжидда имом бўлиши керак эди. Масжидни қуриб битказишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб, “Биз бир масжид қурдик, ўша ерда намоз ўқиб беринг, ўзимизга намозгоҳ қилиб оламиз”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан бирга бориш учун кийимларини олдилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди”.
108. (Эй Муҳаммад), сиз унда ҳеч қачон турманг. Биринчи кунданоқ тақво асосига қурилган масжид сизнинг ибодат қилишингиз учун муносиброқдир. Унда покланишни истайдиган кишилар бор, Аллоҳ эса покланувчиларни яхши кўради.
Эй Пайғамбарим, сиз фасод ва фитна уяси бўлган ўша Зирор масжидида намоз ўқиш учун асло турманг. Бошданоқ тақво асосига ва яхши ниятлар билан қурилган Қубо масжиди сизнинг ибодат қилишингиз учун муносиброқдир. Саййиди олам Пайғамбаримиз Мадинага ҳижрат қилиб келганларида шаҳар ташқарисидаги Бани Умар ва Ибн Авф қабиласининг маҳалласига тушган эдилар. Бир неча кун у ерда тургач, сўнг Мадинага бориб, Масжиди Набавийни бино қилиб олдилар. Олдинги тушган маҳаллаларидаги одамлар Пайғамбар алайҳиссалом кўп намоз ўқиган ерларига бир масжид қуришди ва уни Қубо масжиди деб номлашди. У Исломда илк барпо қилинган масжид саналади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар шанба куни Қубо масжидига бориб, зиёрат қилиб келар эдилар. Ҳадиси шарифда: «Ким уйида таҳорат қилиб, Қубо масжидига келиб икки ракат намоз ўқиса, умранинг ажрича савоб бўлади», дейилган. Мадинаи мунавварага келган ҳожилар учун Қубо масжидини зиёрат қилиш суннатдир.
Ояти каримадаги “тақво асосига қурилган масжид” ҳақида турлича фикрлар бор. Кўпчилик бу Қубо масжиди ҳақида нозил бўлган, деб ҳисоблайди. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ушбу оят Қубо масжиди ҳақида нозил бўлган. Улар сув билан истинжо қилар эдилар, шунда ўшалар ҳақида нозил бўлди”, деганлар (Термизий ва Баззор ривояти); Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Икки киши тақво асосида қурилган масжид ҳақида тортишиб қолишди. Бири “У Қубо масжидидир”, деди. Бошқаси эса: “У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларидир”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У менинг масжидимдир”, дедилар” (Имом Муслим ва Термизий ривояти).
109. Демак, биносини Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг розилиги пойдеворига қурган киши яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасидаги пойдеворга қуриб ўзи ҳам дўзах оловига қулаган кимсами?! Аллоҳ золим қавмни ҳидоятга бошламайди.
Ушбу ояти каримада Аллоҳдан қўрқиб, Унинг розилигини топиш йўлида ҳаётини имон-эътиқод асосига қурган киши билан куфр ва исён йўлини тутиб, икки дунё саодатини бой бераётган кимсанинг мисоли келтирилмоқда. Дарҳақиқат, Аллоҳга тақво қилган, Унинг амрларини бажаришга интилган, қайтариқларидан четланган мўминлар дунё ва охиратда чинакам саодатга эришадилар. Охиратда Аллоҳнинг улуғ мукофотлари – Парвардигор розилиги ва Унинг жаннатларига сазовор бўладилар. Булар инсонларнинг энг яхшиларидир. Аммо Аллоҳга ва охират кунига имон келтирмаган нодон кимсалар гуноҳ ва маъсиятларини ташламаганлари, ҳақ йўлдан чекинганлари, Аллоҳ ва Унинг Расулига исёнлари-итоатсизликлари туфайли иккала дунёларини бой беришади. Улар қурган бино ҳалокат жари ёқасидаги пойдеворга тиклангани учун ўзлари ҳам иморатларига қўшилиб дўзах қаърига қулашади. Худди шу каби имон ва тақво асосига қурилган Қубо масжиди билан куфр, адоват ва ширк пойдеворига қурилган Зирор масжиди ҳеч қачон тенг бўла олмайди!
110. Юраклари парча-парча бўлиб кетгунича қурган бинолари қалбларида шак-шубҳа бўлиб қолиб кетади. Аллоҳ ўта билувчи ва ҳикматлидир.
Қубо масжиди тақво ва Аллоҳ розилиги асосига қурилган эди. Зирор масжиди эса куфр ва нифоқ йўлида, Исломга қарши адоват асосига барпо қилинди. Шунинг учун Қубо масжиди бугунгача боқийдир ва ундан мусулмонлар қадами узилмайди. Зирор масжиди ўша пайтдаёқ ёқиб юборилди ва тарих саҳнасидан супурилиб, бугун ахлатхонага айлангандир. Худди шу каби қай бир иш Аллоҳдан қўрқиш, Унинг розилиги учун қилинмас экан, у ҳабатадир, яъни бекордир. Аллоҳ ва Унинг Расули зиддига қаратилган ҳар бир ҳаракатнинг охири кесик, худди Зирор масжиди каби беному нишон бўлиб кетади. Аллоҳ ҳамма нарсани бутун ҳикмати билан билувчи ўта ҳаким Зотдир.
111. Аллоҳ мўминлардан жонлари ва молларини жаннат эвазига “сотиб олган”: улар Аллоҳ йўлида жанг қилиб, ўлдирадилар ва ўлдириладилар. Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини берган Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Демак, келишган бу савдоларингдан хурсанд бўлинглар! Мана шу ҳақиқатан олий саодатдир!
Аллоҳ таоло билан мўминлар ўртасидаги бу “тижорат” нақадар саодатли, шарафли ва улкан фойда келтирувчидир. Мўминлар жонлари ва молларини сарф қилиб, Аллоҳ йўлида жанг қилишади. Бунда улар ўлдиришса ҳам, ўлдирилишса ҳам барибир, улкан фойдани қўлга киритишаверади, Аллоҳ таоло Ўзининг барча китобларида ваъда қилган жаннати билан уларни албатта мукофотлайди. Чунки ваъдасига вафо қилишда ҳеч бир зот Аллоҳ таолога тенг кела олмайди. Мўминлар бу “савдолари”дан хурсанд бўлишлари, Аллоҳнинг розилигини топиш йўлида жанг қилиш олий саодат эканини яхши англаб, шунга яраша иш қилишлари керак.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий айтади: “Маккада Ақоба кечасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилишгач (улар етмиш киши эди), Абдуллоҳ ибн Равоҳа: “Эй Аллоҳнинг Расули, Раббингиз ва ўзингиз учун хоҳлаган нарсангизни шарт қилиб қўйинг”, деди. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Раббим учун ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслигингизни, ўзим учун эса ўзингизни қандай ҳимоя қилсангиз, мени ҳам шундай ҳимоя этишингизни шарт қиламан”, дедилар. Улар: “Агар шундай қилсак, бизга нима берилади?” дейишди. У зот: “Жаннат”, дедилар. Улар: “Савдо фойдали бўлди, (байъатни) бекор қилмаймиз ҳам, бекор қилишни сўрамаймиз ҳам”, дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди”.
112. Улар тавба қилувчилар, бандалик қилувчилар, Уни улуғловчилар, рўза тутувчилар, рукуъ-сажда қилувчилар, яхшиликка буюрувчилар, ёмонликдан қайтарувчилар ва Аллоҳнинг чегараларига риоя этувчилардир. (Эй Муҳаммад), бу мўминларга хушхабарни етказинг!
Ана шу саодатманд кишилар қилган гуноҳларига ўша заҳоти тавба қилувчилар, Аллоҳга чин бандалик билан тоат-ибодатда бўлувчилар, доимо Аллоҳга шукр айтиб, Унга ҳамду сано йўлловчилар, рўзаларини қолдирмай тутувчилар, намозларини барча арконларига риоя қилиб комил адо этувчилар, бошқаларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, ҳалол-ҳаром, гуноҳ-савоб борасида Аллоҳнинг чегараларига қатъий риоя қилувчилардир. Шунинг учун эй Пайғамбарим, бундай бандаларга қиёматдаги улуғ мукофотлар: Парвардигорлари розилиги ва боқий яшаладиган жаннатлар хушхабарини етказинг. Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: “Агар камгап, босиқ мўминни кўрсангиз, унга яқинлашинг, чунки у ҳикмат сочади” (Ибн Можа ривояти). Хотамул Асом айтади: “Мўмин фикр ва ибодат билан машғул, мунофиқ ҳирс ва орзу-ҳавас билан. Мўмин Аллоҳдан ўзгасидан ноумид, мунофиқ Аллоҳдан ўзгасидан умидвор. Мўмин фақат Аллоҳдан қўрқса, мунофиқ Аллоҳдан бошқа ҳаммадан қўрқади. Мўмин диним деб молидан кечса, мунофиқ молим деб динидан кечади. Мўмин яхши амаллар қилади ва йиғлайди. Мунофиқ ёмонликлар қилади ва кулади. Мўмин хилвату ёлғизликка интилади. Мунофиқ йиғинлару издиҳомларга ўзини уради. Мўмин экади ва ҳосилнинг фасодидан хавфда. Мунофиқ экинни қуритади ва ҳосилни умид қилади”.
Баъзи муфассирлар оятдаги биз “рўза тутувчилар” деб ўгирган “саъиҳуна” сўзидан мурод, “саёҳатчилар” ҳам дейишади. Чунки Расули акрамнинг (алайҳиссалом) бир ҳадисларида “Умматимнинг саёҳати рўзадир”, дейилган. Бунда илм талабида юрганлар ёки Аллоҳнинг мўъжизаларидан ибрат олиш учун дунё кезиб юрганлар ҳам кўзда тутилган бўлиши мумкин. Хозин тафсирида зикр қилинишича, Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳумуллоҳ “саъиҳуна”ни ғозийлар ва мужоҳидлар, деган.
113. На Пайғамбар ва на мўминларга, агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам, дўзахий эканлари маълум бўлганидан кейин улар учун мағфират сўрашлари жоиз эмас.
На Пайғамбар, на мўминлар дўзахий экани маълум бўлган кофир ва мушрик кимсалар учун Аллоҳдан мағфират сўраб юришмасин. Ҳатто булар уларнинг ота-оналарию энг яқин қариндошлари бўлса ҳам. Чунки хотимаси куфр ва ширк бўлганлар учун гуноҳларининг авф қилинишини сўраш мусулмонларга Қуръони карим ҳукми билан ман этилган. Аллоҳ таоло бандаларини авф қилувчи, кечирувчи меҳрибон Зотдир, аммо У кофир ва мушрик кимсаларни асло кечирмайди!
Саъид ибн Мусаййаб отасидан ривоят қилади: “Абу Толибнинг ўлими яқинлашгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига кирдилар. Унинг олдида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй амаки, мен билан бирга “Ла илаҳа иллаллоҳ” денг, Аллоҳ ҳузурида мана шу сўз билан сиз учун ҳужжатлашаман”, дедилар. Шунда Абу Жаҳл ва Ибн Абу Умайя: “Эй Абу Толиб, Абдулмуттолиб миллатидан юз ўгирасанми?” деб тинимсиз айтаверди. Ҳатто унинг охирги сўзи “Абдулмуттолиб миллатидаман” бўлди (ва ўлди). Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Модомики Раббим тақиқламаса, сиз учун истиғфор айтаман”, дедилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
114. Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши қилган ваъдаси туфайлигина эди. У Аллоҳнинг душмани эканини билганидан кейиноқ ундан воз кечди. Ваҳоланки, Иброҳим кўнгилчан ва ҳалим эди.
Иброҳим алайҳиссалом мушрик оталари Озар учун Аллоҳдан мағфират сўраганлари зикри Қуръони каримда баён қилинганини кўрган айрим саҳобалар ҳам мушрик ўтган ота-оналари борасида шундай қилмоқчи бўлишди. Ояти карима таъкидлаяптики, Иброҳим алайҳиссаломнинг отасига мағфират сўраши у кишининг берган ваъдаси туфайлигина эди. Оталарининг бор ҳақиқатидан хабардор бўлгач, истиғфорни тарк этдилар. Ушбу оят билан мушрикларга истиғфор сўраш ман этилди. Иброҳим алайҳиссалом табиатан кўнгилчан ва ҳалим киши бўлишларига қарамай, унинг куфрдалиги ва Аллоҳнинг душмани эканини билганлари заҳоти бу кўнгилчанликни йиғиштириб қўйдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розийаллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга бир қур назар солиб чиқдилар. Биз ҳам у киши билан бирга эдик. Кейин у зот бир қабр олдида тўхтадилар ва ўша ерда узоқ муножот қилиб туриб қолдилар. Сўнг нари кетдилар. Биз олдиларига келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғлаб турибдилар. Биз ҳам қўшилишиб йиғладик. Сўнг у зот бизга қарадилар. Умар ибн Хаттоб у кишини қаршилар экан: “Эй Аллоҳнинг Расули, нима сабабдан йиғладингиз? Биз ҳам йиғладик ва қўрқдик”, деди. У зот олдимизга келиб ўтирдилар ва “Менинг йиғлаганим сизларни қўрқитдими?” дедилар. Биз “Ҳа”, дедик. Шунда у киши: “Мен муножот қилиб туриб қолган қабр Омина бинти Ваҳбнинг (яъни оналарининг) қабри эди. Раббимдан уни зиёрат қилишга изн сўраган эдим, изн берилдию. У учун истиғфор айтишга изн сўраган эдим, изн бермади ва “Иброҳимнинг отаси учун мағфират сўраши қилган ваъдаси туфайлигина эди...”оятини нозил қилди. Бундан фарзанд ўз онасига қанчалик кўнгли эриса, мен ҳам шундай аҳволга тушдим. Мана шу нарса мени йиғлатди”, дедилар”.
115. Аллоҳ бирор қавмни ҳидоят қилганидан кейин то унинг сақланиши зарур бўлган нарсани аниқ баён қилмагунича уни адаштирмайди. Аллоҳ албатта ҳамма нарсани билувчидир.
Аллоҳ таоло бирор қавмни ҳидоят қилгудай бўлса, улар сақланиши керак бўлган гуноҳ ва савоб, ҳалол ва ҳаром, ҳидоят ва залолат чегараларини ҳам аниқ белгилаб берар экан. Агар улар Аллоҳнинг чегараларига риоя қилиб юришса, Парвардигор бу қавмни адаштирмайди. Аллоҳ ҳамма нарсани яхши билиб турувчи, меҳрибон Зот бўлгани учун бандаларининг ҳалокат сари юз буришларини истамайди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) баён қилиб бериш учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юбордик. Бас, Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган кимсани йўлдан оздиради, (Ўзи) хоҳлаган кишини ҳидоят қилади. У қудратли ва ҳикматли Зотдир” (Иброҳим, 4).
116. Ҳақиқатан осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Аллоҳгагина хосдир. У ҳаёт ва ўлим беради. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст, на бир мададкор бор!
Осмонлару Ернинг яратувчиси ҳам, уларда Ўзининг илоҳий низомини жорий қилган ҳам, уларда Ўзининг салтанатини ўрнатган ҳам, осмонлару Ернинг шериксиз подшоҳи ҳам ягона Аллоҳдир! У ҳар бир махлуққа ҳаёт ва ўлим беради. Ҳамма нарса Унинг қудратига бўйсунган. Бугун ўзгаларни қулликка солиш, бойлигини талаш орқали фаровонликда гуллаб-яшнаб турган ўлкани Ер юзидан йўқ қилиб юборишга ҳам, бугун хорликда ва мазлумликда азият чекиб ётган бир халқни ёки миллатни олий даражаларга кўтариб қўювчи ҳам ёлғиз Аллоҳдир! Мўминлар учун дунё ва охиратда Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, мададкор ҳам йўқдир. Куфр келтирган ва ширкка ботган кимсалар эса Аллоҳнинг оятларини инкор қилишгани учун қиёматда ана шу Дўст ва Мададкорнинг раҳмати, мадади ва меҳрибончилигидан бебаҳра қолишади.
117. Аллоҳ Пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳининг қалби чалғий деб қолганидан кейин машаққатли пайтда унга эргашишди. Шунда уларнинг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ ҳақиқатан уларга мушфиқ ва меҳрибондир.
Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган меҳрибонликлар ва атолар беҳисобдир: Парвардигор у зотни барча пайғамбарлардан улуғ мартабали қилди, уларни маълум бир қавмга ва маълум муддатга элчи қилиб юборган бўлса, у зотни қиёматгача бутун инсониятга пайғамбар этиб юборди, Муҳаммад алайҳиссаломдан сўнг бошқа пайғамбар келмайди. У зотнинг умматларини инсонларнинг энг яхшиси қилди, Маккадан кўчган муҳожирларга ва уларга катта марҳаматлар кўрсатган мадиналик ансорларга имону ҳидоят неъматларини ато қилди. Исломий ирфон, Аллоҳ розилиги йўлидаги улуғ ғазотларда қатнашиш, охирзамон Пайғамбарига эргашиш шарафига мушарраф этди. Ислом дини учун ўта муҳим бўлган Табук ғазотида Аллоҳ таоло мўминларнинг имонини яна бир марта синовдан ўтказди. Улардан айримлари бу синовга дош беролмай, сафар машаққати, куннинг ниҳоятда иссиқлиги ва олис жойга бориб душманнинг кучли қўшинига тўқнашиш қийинчиликлардан қўрқиб, ғазотга боришдан турли баҳоналар билан қолишган эди.
118. Яна қолган уч кишининг ҳам. Уларга кенг ер торлик қилиб қолган, юраклари сиқилган ҳолда Аллоҳдан Унинг Ўзига тавба қилибгина паноҳ топилишини билганларидан кейин уларнинг тавба қилишлари учун йўл очди. Аллоҳ албатта тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир.
Аллоҳ тавбаларини қабул қилган ўша уч киши Каъб ибн Молик, Ҳилол ибн Умайя Воқифий ва Мурора ибн Рабийъ Амрийлар эди. Бу ҳақда қуйидаги машҳур ҳадисда батафсил зикр юритилган: Абдуллоҳ ибн Каъб ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади (оталари ожиз бўлиб, кўрмай қолганларида Абдуллоҳ у кишини етаклаб юрарди): «Каъб ибн Молик Табук ғазотига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга нега бормай қолганларини қуйидагича изоҳлаб берганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қатнашган юришларнинг Табукдан бошқа ҳаммасида қатнашганман. Лекин Бадрга ҳам бора олмаган эдим. Бироқ унга бормай қолганлардан бирор киши айбдор қилинмади. Чунки бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда мусулмонлар Қурайш карвонини тўсиш ниятида чиқишган эди. Аллоҳ таоло улар билан душманни ваъда қилинмаган ҳолда тўқнаштириб қўйди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ақоба кечасида бирга бўлдим. Шу куни Исломга қатъий аҳд-паймон қилдик. Аслида Бадр воқеаси кишилар орасида машҳур бўлса ҳам, мен Табук воқеасини ундан кам, деб билмайман. Табукка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бормай қолганимнинг боиси бу вақтда ниҳоятда бақувват ва бадавлат эдим. Аллоҳга қасам, ўшангача бир туям иккита бўлмаган эди, Табук юриши пайтида иккита туям бор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор жангга боришни хоҳласалар, бошқа бирига борадигандек қилиб кўрсатардилар. Табукда борадиган томонларини аниқ кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлга ниҳоятда қаттиқ иссиқда чиқдилар. Сафар узоқ бўлиб, чўл ерлардан ўтиш керак эди. Сўнг кўп сонли душманга рўбарў бўлишга тўғри келарди. Расули акрам мусулмонлар яхши тайёргарлик кўриб, ғамланиб олишлари учун уларга қайси томонга кетаётганлари хабарини бердилар. Мусулмонлар ҳам кўп йиғилишди. Улар сони белгиланмаган эди. Аммо яшириниб қоладиган киши деярли бўлмади. Агар битта-яримта бўлса ҳам, Аллоҳ томонидан ваҳий тушмаса ўзининг беркингани махфийлигича қолиб кетишини ҳам билар эди.
Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу юришлари мевали дарахтлар соя солиб, бу манзара одамга ёқадиган пайтга тўғри келди. Менда бундай роҳат-фароғатларга мойиллик бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда мусулмонлар сафарга яхши тайёргарлик кўришди. Мен ҳам эрта тонгда у зотнинг ёнларига тайёргарлик қилиш учун борардим-да, лекин ҳеч нарса қилмай қайтиб келар эдим. Хизмат қилиб юравердим. Жиддий тайёргарликдан сўнг мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга жўнашди. Мен эса йўлга ҳеч нарса тайёрламаган эдим. Охири улар тез жўнаб кетишди, мен эса қутлуғ сафарни қўлдан бой бериб қўйдим. Йўлга чиқиб, уларга етиб олишни ҳам ўйладим, аммо бу ҳам менга насиб қилмади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кетганларидан кейин одамлар олдига чиқдим, аммо Мадинада қолган бирор соғ мусулмонни кўрмадим. Кўчада мунофиқлар ва Аллоҳ узрли қилган заифларгина қолган эди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукка етиб боргунларича мени эсламабдилар. Табукда одамлар орасида ўтириб: «Каъб ибн Моликка нима бўлди?» деб сўрасалар, Бани Саламадан бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг бадавлатлиги бу ерга келишидан тўсиб қўйди», дебди. Муоз ибн Жабал унга: «Мунча ҳам ёмон сўз айтмасанг, Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳ, биз унинг фақат яхши томонини биламиз», дебди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукут қилган ҳолда турган эканлар, узоқда бошдан-оёқ оқ кийинган бир киши кўринибди. Олдинига уни сароб ҳам деб ўйлашибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Абу Хайсаммикин?» дебдилар. У ҳақиқатда Абу Хайсам ал-Ансорий экан. Бу одам бир соъ хурмо садақа қилганида мунофиқлар айблашган эди».
Яна Каъб ибн Молик айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтганлари хабари келганида мени ғам боса бошлади. Шунда баҳоналар излай бошладим. «Эртага нима деб у зотнинг ғазабларидан қутулиб қолсам бўлади?» деб ўзимча ўйлар эдим. Ақлли кишилардан ёрдам сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етиб келганлари маълум бўлганида мени ёмон хаёллар тарк этди. Билдимки, бу зотдан асло қутула олмас эканман. Охири рост гапиришга аҳд қилдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эрта тонгда шаҳарга етиб келдилар. Агар сафардан қайтсалар, аввал масжидга кириб икки ракат намоз ўқир, сўнгра кишилар билан учрашишни одат қилган эдилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Кейин жойларига келиб ўтирганларида Табукка бормай қолганлар у зотга узр айтиб, қасам ича бошлашди. Улар саксон кишидан ортиқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг узрларини қабул қилдилар ва истиғфор айтдилар. Уларнинг ички ҳолатларини Аллоҳга ҳавола қилдилар. Мен ҳам у зот ҳузурларига келиб салом бердим. У зот менга сал ғазабнок ҳолатда табассум қилдилар. Сўнгра: «Кел», дедилар. Мен юриб келиб, олдиларига ўтирдим. У зот менга: «Нима сабабдан биз билан бормай қолдинг ёки боришга улов сотиб ололмадингми?» деганларида, мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, сиздан бошқа бирор кишининг ҳузурида эканимда унинг ғазабидан узр билан қутулиб кетар эдим. Чунки мен жуда сўзамол одамман. Аллоҳга қасамки, агар бугун сизга ёлғон гапирсам, мендан рози бўлишингизни ҳам биламан. Бироқ тез фурсатда Аллоҳ ғазабига учрашдан қўрқаман. Агар сизга ростини айтсам, ўзим сизни ғазаблантириб қўяман. Аллоҳдан яхши оқибат умидидаман. Аллоҳга қасамки, менда узр йўқ. Сиз билан бирга бормай қолган пайтимда ҳар галгидан қувватли ва бадавлат эдим», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу киши ҳақиқатда рост гапирди. Тур, то Аллоҳнинг ҳукми келгунча кут», дедилар. Бани Салама қабиласидан бўлганлар орқамдан эргашиб: «Аллоҳга қасамки, биз бундан олдин гуноҳ қилганингни билмаймиз. Сен сафарга бормаган бошқалар каби узр-баҳона ҳам айтмадинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг истиғфорлари гуноҳингга кифоя қилади», дейишди.
Улар мени маломат қилишаверди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтиб бориб, ёлғон гапирсаммикин, деб ўйладим. Сўнгра уларга: «Бундай узр билан мендан бошқа бирор киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдими?» десам, улар: «Ҳа, икки киши келиб, сенинг гапингни айтди. Сенга берилган жавоб уларга ҳам айтилди», дейишди. «Улар ким экан?» десам, улар: «Мурора ибн Рабийъ ал-Амрий ва Ҳилол ибн Умайя ал-Воқифийлар», дейишди. Айтилганларнинг иккови ҳам солиҳ кишилардан бўлиб, Бадр иштирокчиларидан эди. Улар эргашишга муносибдир, деб қароримдан қайтмадим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукка бормай қолганлардан биз – уч киши билан гаплашишни одамларга тақиқлаб қўйдилар. Шунинг учун халқ биздан ўзини тортди. Ҳатто ер ҳам кўзимга бошқача кўринарди. Мана шу ҳолатда жами эллик кунни ўтказдик. Аммо икки шеригим ожизлик кўрсатишди. Улар уйларида ўтириб олиб, фақат йиғлашарди. Мен эса қавмнинг ёши ва бардошлиси бўлганим учун мусулмонлар билан бирга намозда иштирок этар эдим. Яна бозорларни ҳам айланардим. Ҳеч ким мен билан гаплашмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳам борар эдим. У зот намоздан кейин бўладиган мажлисда ўтирганларида бориб салом берардим-да, ўзимча: «У зот саломимга алик олаётиб, лабларини қимирлатдиларми ёки йўқми?» дер, буни аниқлаш учун у зотга яқин ерда намоз ўқир эдим. Шу аснода ўғринча назар солардим. Агар намозга юзлансам, у зот менга назар солардилар. Агар у зот томонга қарасам, мендан юз ўгириб олардилар.
Мадина бозорларида юрсам, шаҳарга дон сотгани келган Шом деҳқонларидан бири: «Ким менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб қўяди?» деди. Одамлар менга ишора қилишди. У олдимга келиб Ғассон подшоҳи томонидан битилган бир мактубни узатди. Унда қуйидагилар битилган эди: «Бизга хабар етдики, дўстинг сенга жафо қилибди. Аллоҳ хўрлик ва зулмга дучор бўлинадиган ерда туришга мажбур қилмаган. Ҳузуримизга кел, биз сенга тасалли берамиз». Мактубни ўқиган пайтимда «Бу ҳам мусибат-фитналарнинг бир кўринишидир», дедим. Мактубни тандирда ёқиб юбордим.
Қирқ кун ўтди, ваҳий тўхтаб қолган эди. Ногаҳон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларидан бир элчи келиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинингдан алоҳида бўлишни буюряптилар», деди. Мен: «Нима қилай, талоғини берайми?» дедим. У: «Фақат алоҳида бўл, яқинлашма», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳукмни нариги икки биродаримга ҳам юборган эдилар. Мен хотинимга: «Сен уйингга бор, то Аллоҳ томонидан ҳукм тушгунича ўша ерда тур», дедим. Ҳилол ибн Умайянинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Ҳилол ибн Умайя бечора қари киши, хизматкори ҳам йўқ. Унинг хизматини қилишимдан норозимисиз?» деса, у зот: «Йўқ, лекин у сенга яқинлик қилмасин», дедилар. Буни эшитган хотин: «Аллоҳга қасамки, бунинг имкони ҳам йўқ, бечора эрим шу воқеадан бери ҳозиргача фақат йиғлаш билан овора», деди.
Мана шу ҳолатда яна ўн кун ўтди. Гаплашиш ман қилинганининг эллигинчи куни уйим томида бомдод намозини ўқидим. Намозда ўтирган ҳолимда Аллоҳни зикр қилдим. Юрагим сиқилиб, кенг ер торайиб кетгандек бўлиб турган бир пайтда ногаҳон (Абу Бакр Сиддиқнинг) бир тепаликка чиқиб олиб баланд овозда: «Эй Каъб ибн Молик, хурсандлик хабари», деб бақираётганини эшитдим. Хурсандчилик соати келганини билиб, шу заҳоти саждага йиқилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқиб бўлгач, Аллоҳ бизларнинг тавбамизни қабул этганини эълон қилибдилар. Одамлар мен ва икки биродаримга хурсандчилик хабарини етказишга шошилишибди. Бир киши олдимга от чоптириб келди. Аслам қабиласидан яна бир киши пиёда келди. Бу киши тоғ ошиб келиб, баланд овоз билан хушхабар берди. Севинганимдан хушхабар келтирган кишига устимдаги икки қават кийимимни ечиб, кийдириб қўйдим. Аллоҳга қасамки, ўша кунларда булардан бошқа кийимим ҳам йўқ эди. Эгнимга қарзга уст-бош олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига жўнадим. Одамлар йўлда тўда-тўда бўлиб тавба қабул бўлгани билан мени табриклашарди. Улар менга: «Аллоҳ таоло тавбангни қабул қилгани билан табриклаймиз», дейишар эди.
Масжидга кирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларида одамлар билан ўтирган эканлар. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розийаллоҳу анҳу) югуриб келиб, мен билан қўш қўллаб сўрашиб табриклади. Аллоҳга қасамки, Талҳадан бошқа бирор муҳожир ўрнидан турмади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берсам, у зот хурсанд бўлганларидан юзлари ёришиб кетди. У зот: «Туғилганингдан бери ўтган кунларингнинг энг яхшисида сенга хурсандлик хабарини бераман», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бу хушхабар сиз тарафингизданми ёки Аллоҳ томонидан?» десам, у зот: «Йўқ, бу Аллоҳ азза ва жалла томонидан», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар хурсанд бўлсалар, юзлари шу даражада нурланиб кетардики, гўёки ой парчасига ўхшаб қоларди. Биз буни билар эдик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига ўтириб: «Эй Аллоҳнинг Расули, тавбамнинг қабул этилгани учун барча молларимни Аллоҳ ва Унинг Расули йўлига садақа қиламан», десам, у зот: «Молингнинг бир қисмини ўзинг учун олиб қўй, шунда яхши бўлади», дедилар. Мен: «Хайбардаги улушимни олиб қоламан. Эй Аллоҳнинг Расули, албатта Аллоҳ ростгўйлигим сабабидан менга нажот берди. Энди тавбамнинг натижаси ўлароқ умримнинг қолган қисмида фақат рост гапирай. Аллоҳга қасамки, рост сўзлаганим учун Аллоҳ менга берган фазл-инъомини бошқа ҳеч кимга қилмаганини ҳам биламан», дедим. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу сўзларни зикр қилганимдан бери шу кунгача бирор калима ёлғон ишлатмадим. Аллоҳ қолган умримда ҳам ёлғондан сақлашини умид қиламан» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
119. Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва ростгўйлар билан бирга бўлинглар.
Ибн Ҳишомнинг ёзишича, Каъб ибн Молик бундай дейди: “Қасамки, Аллоҳ мени Исломга ҳидоят қилганидан сўнг ўша куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида ҳаргиз ёлғон гапирмай, фақат рост сўзлашга муваффақ бўлганимдан ортиқроқ неъмат билан сийламаган. Ёлғон гарирган бўлганимда, ёлғондан узр айтган бошқалардек ҳалок бўлиб кетардим. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса ва Аллоҳдан қўрқиб тақво қилса, демак, айнан ўшаларгина ютуқ эгаларидир” (Нур, 52).
120. Мадина аҳолиси ва ўша атрофдаги аъробийлар учун Аллоҳнинг Расулидан қолиб кетишлари ва ундан кечиб, ўз ишларига машғул бўлишлари жоиз эмас эди. Зеро, Аллоҳ йўлида бирор ташналик, машаққат, очлик етса ва кофирларни хафа қиладиган бирор қадам қўйишса, душманга бирор зарар етказишса, албатта бу ишлари сабабли уларга яхши амал ёзилади. Ҳақиқатан, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг амалларини зое этмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб кўчганларидан сўнг ушбу шаҳар Ислом давлатининг марказига, бошшаҳрига айланиб қолди. Шунинг учун Мадина аҳолиси ҳам, унинг атрофидаги саҳрода яшовчи аъробийлар ҳам Ислом пойтахтини бирдай ҳимоя қилишлари зарур эди. Бунинг учун эса ҳар томондан Исломга хавф солиб турган, исломий давлатни бешигидаёқ йўқ қилишга бел боғлаган дин душманларига қарши уруш олиб боришга тўғри келар эди. Аллоҳ йўлидаги ушбу ҳарбий ҳаракатлар Аллоҳ томонидан энг улуғ ибодат, банда учун ўта муҳим бўлган фарз амал қилиб белгиланди. Шунинг учун Аллоҳнинг Расули жангга чақирганида турли баҳоналар билан, ўзининг роҳат-фароғатини кўзлаб ёки шунчаки эринчоқлик билан ундан қолиб кетиш қаттиқ гуноҳдир. Аллоҳ йўлида жанг қилувчиларнинг ҳар бир ҳаракати, бу йўлда етган машаққат-озорлар, ташналик ва очликлар, душманга етказилган ҳар бир зиён Аллоҳ томонидан улкан мукофотлар билан тақдирланиши таъкидланди. Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: “(Эй Муҳаммад), ҳали аъробийлардан (жангга чиқмай уйда) қолганлари сизга: “Бизни молларимиз ва аҳли-оиламиз банд қилиб қўйди. Энди ўзинг бизлар учун мағфират сўраб бер!” дейишади. Улар дилларида бўлмаган нарсани тиллари билан айтишади. Айтинг: “Агар (Аллоҳ) сизларга бирор зарарни истаса ёки У сизларга бирор манфаатни истаса, унда ким сизлар учун Аллоҳдан бўладиган бирор нарсани даф қила олур? Йўқ, Аллоҳ сизларнинг қилмишларингиздан хабардордир” (Фатҳ, 11).
121. Улар каттами-кичикми бирор садақа қилишса ёки бирор водийни босиб ўтишса, қилган яхшиликлари сабабли Аллоҳ уларни мукофотлаши учун фойдаларига ёзилади.
Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчиларнинг ҳар бир қўйган қадами, ҳар бир қилган ҳаракати номаи аъмолларига улкан савоблар бўлиб ёзилади. Ким Аллоҳнинг динини ҳимоя қилиш учун мол-дунёсини сарфласа ёки қўлида қурол билан душманга қарши жангга отланиб, бирор водийни кесиб ўтса, унинг бу яхшиликлари охиратда ўзига захирага айланади, Аллоҳнинг ҳузурида улкан мукофотларни қўлга киритишида аниқ ҳужжат бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Мўмин ва мўминаларнинг олд ва ўнг томонларида нурлари юрадиган кунни (эсланг. Ўша куни уларга шундай дейилади): “Сизлар учун бугунги хушхабар – остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу қолинадиган жаннатдир. Бу улкан ютуқнинг ўзидир” (Ҳадид, 12).
122. Мўминларнинг ёппасига чиқишлари шарт эмас. Унда ҳар гуруҳдан бир тоифа чиқмай, қавм қайтиб келганида уларни огоҳлантириш учун динни ўргатмайдими?
Ғазотга мўминларнинг ёппасига чиқишлари шарт эмас. Улардан бир гуруҳи қолиб, жангга чиқмай қолган аёллар, болалар ва қарияларнинг юмушларини қилиб туриши, уларни ҳимоя этиши, уларга динларининг арконларини ўргатиб, таълим бериб туриши керак бўлади. Калбийнинг ривоятида Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо шундай дейди: “Аллоҳ таоло мунофиқларнинг жиҳоддан қолганларини мазаммат қилиб (қоралаб) оят нозил этгач, мўминлар: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган бирор ғазтдан ва у киши йўллаган бирон-бир қўшин юришидан сира қолмаймиз”, дейишди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманга қарши бирор сафарбарликка буюрилсалар ҳам, мусулмонлар ёппасига чиқишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Мадинада ёлғиз ташлаб кетишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
123. Эй имон келтирганлар, ён-атрофингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар сиздаги қаттиққўлликни ҳис қилишсин! Билиб қўйингки, Аллоҳ тақволилар биландир!
Яъни, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга буюряптики, куфрлари зўрлигидан Ислом давлатини ҳар қадамда йўқ қилиб ташлаш ғаразида бўлган тоифаларга қарши жанг қилинглар. Токи, улар сизнинг қаттиққўллигингизни, жасоратингизни ва имонда собитлигингизни доимо ҳис этиб туришсин. Имон-эътиқодингизни ҳимоя қилиш учун эса мамлакатингизнинг чегараларини мустаҳкамлаш ва уларни кўз қорачиғидай қўриқлаш ҳам керак бўлади. Чунки ўзини етарли ҳимоя қила олмаган миллат қулликка маҳкумдир.
124. Бирон сура нозил қилинса, “Бу қай бирингизнинг имонини зиёда қилди?” дейдиганлар ҳам бор. Ҳолбуки, у имон келтирганларнинг имонини зиёда қилади ва улар масрур бўлишади.
Маълумки, Қуръони каримдан бир суранинг, ҳатто бир оятнинг нозил бўлиши Ислом уммати учун жуда катта ҳодиса ҳисобланган. Аммо мунофиқлар ана шу оламшумул воқеадан ҳам ўзларининг қабиҳ мақсадларида фойдаланишган, Аллоҳнинг Китобидан бир сура ёки оят нозил бўлганида бундан мусулмонларнинг устидан кулиш, уларни масхаралашда фойдаланишган. Чунки уларнинг дилида Исломга тиш-тирноқ билан қаршилик қилиш туйғуси яшириниб ётгани ҳолда тилларида ва ташларида ўзларини мусулмон қилиб кўрсатишга уринишарди. Аммо имон ва Ислом тақозосидаги ишлар ўртага чиққанда, масалан, жангга чақирилганларида ўзларининг кимликларини фош қилиб қўйишади.
125. Аммо дилларида касали бўлганларнинг ифлосликлари устига яна ифлослик қўшилади ва улар кофирлигича ўлиб кетади.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримасида мунофиқларни “дилида касали борлар” деб тавсифламоқда. “Ифлосликлари”дан мурод, уларнинг мунофиқликларидир. Мунофиқларнинг бирор янги сура нозил бўлишидан бунчалик қўрқишининг сабаби ушбу оятда аён бўлади. Ҳар бир янги сура орқали Аллоҳ азза ва жалла уларнинг мунофиқлигини фош қилади, сирларини очади, мусулмонлар кўз ўнгида уларнинг бор кирдикорларини беш қўлдай аён қилиб қўяди. Улар шу тариқа чин имон нималигини билмай кофирлигича ўлиб кетади.
126. Ҳар йили бир ёки икки марта балога дуч келаётганларини кўришмайдими? Шундан кейин ҳам на тавба қилишади, на насиҳатни олишади.
Аллоҳ таоло мунофиқларни шу дунёнинг ўзида ҳам жазолаб туради. Ҳар йили улар бир неча бор Аллоҳнинг турли бало, офат ва мусибатларига мубтало бўлиб туришади. Бу нарсалар уларнинг кўзини очиши, Аллоҳнинг жазосидан огоҳлантириши керак эди. Аммо улар мунофиқликлари туфайли булардан ибрат ҳам олишмайди, тавба ҳам қилишмайди, ҳатто бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмайди. Ҳаётда бўлиб турадиган турли фитна-синовлардан ибрат олиш, уларни эслаб, тавба қилиш ва ўзини ўнглаб олиш учун ақл-идрок, имон-эътиқод ҳамда инсоф керак. Мунофиқлар ўзларида айнан шу нарсалар йўқлигидан тавба ҳам қилишмайди, бало-офатлар ҳақида эслаб ҳам ўтиришмайди. Аллоҳ таоло уларни шундай мазаммат қилади: “Уларга қарасангиз, уларнинг жисмлари сизни ҳайратлантиради, сўзлашганида беихтиёр сўзларига қулоқ соласиз. Улар гўё суяб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар ҳар бир қичқириқ овозини устларига (тушаётган бало-офат деб) гумон қилишади. Улар душмандирлар, бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандайин адашишяпти-я?!” (Мунофиқун, 4).
127. Бирор сура нозил қилинса, улар: “Сизларни биронтаси кўриб қолармикин?” деб бир-бирларига қараб олишади, сўнг жўнаб қолишади. Англамайдиган қавм бўлгани учун Аллоҳ уларнинг дилларини буриб қўйган.
Мунофиқлар шундайин расво кимсаларки, бирон сура нозил бўлиб қолса, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларидан секин жуфтакни ростлаб қочишаётганини бирор мусулмон кўриб қолиб, қай ҳолатга тушганларини сезиб қолмасмикин, деб ташвишда юришади. Агар ҳеч ким кўрмаётган бўлса, аста уйларига жўнаб қолишади. Кофирлар ва мунофиқларни ҳатто Қуръон суралари қўрқитади, ғамларини кучайтиради, алал-оқибат кофирликда ўлим топишади. Аллоҳ уларнинг қалбини муҳрлаб, ҳақ йўлдан адаштириб қўйгани учун мажлиси набавийдан ҳам қочишади, Пайғамбарнинг насиҳатларини қулоққа олишмайди, гуноҳларига тавба ҳам қилишмайди. Уларнинг борар жойи маълум: абадий азоб-қийноқлар жойи бўлмиш қўрқинчли ва даҳшатли дўзахдир!
128. (Эй инсонлар), ўзларингдан ҳақиқатан гуноҳларингиздан ғам чекадиган, сиз ҳақингизда қайғурадиган, барча мўминларга мушфиқ ва меҳрибон бир Пайғамбар келди-ку!
Яъни, Аллоҳнинг бутун инсониятга юборган охирги ҳақ Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бир инсондирлар, у кишининг насаби, касби-кори, ахлоқи ва феъл-атвори, диёнати ва омонатдорликлари барчаларингизга яхши аён. У зот умматларига гуноҳлари туфайли бирор мусибат ёки кулфат етишини асло хоҳламайдилар, аксинча осонлик ва енгилликни истайдилар. У зот сизларнинг имонда ва ҳидоятда юришингизга ниҳоятда ҳарисдирлар, яъни фақат шуни хоҳлайдилар. Умматга қайишадиган, унга ота-оналаридан ҳам меҳрибон бўлганларидан бирорта ҳам мўминнинг дўзахга тушишини истамайдилар, балки барчаларининг жаннатий бўлишини тилайдилар.
129. (Эй Муҳаммад), шунда ҳам юз ўгиришса: “Менга Аллоҳ кифоядир, Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир, Унгагина суяндим, У улуғ Аршнинг Парвардигоридир”, денг.
Эй Пайғамбарим, сизни қиёматгача боқий турувчи илоҳий дастур билан бутун инсониятга Пайғамбар этиб юборганимиздан сўнг ҳам улар сиздан юз ўгириб кетишса, бундан асло хафа ҳам бўлманг, тушкунликка тушманг. Уларга “Мен учун сиғинишга, ёрдам сўрашга Аллоҳ таолонинг Ўзи кифоя қилади, Аллоҳдан ўзга бирор илоҳ йўқ, ҳар бир ишимда фақат Унинг Ўзига суянаман, таваккал қиламан, чунки Аллоҳ таоло улуғ Аршнинг Парвардигоридир”, деб айтинг!
Абу Довуд ўз “Сунан”ида Абу Дарорадан ривоят қилишича, ким тонгда ва шомда ушбу оятдаги “Ҳасбияллоҳу лаа илаҳа илла ҳува, алайҳи таваккулту ва ҳува Роббил Аршил ъазийм” дуосини ўқиб юрса, Аллоҳ таоло унинг ҳам ғам ва кулфатларини даф қилади.