Маккада нозил бўлган, 106 оятдан иборат
Қуръони каримнинг ушбу ўнинчи сураси Аллоҳнинг пайғамбари Юнус алайҳиссалом номи билан аталган, Маккада нозил бўлган, 109 оятдан иборат. Сурада исломий ақиданинг асл моҳияти – Аллоҳга имон келтириш, Унинг китобларига, пайғамбарларига, қайта тирилиш, қиёмат кунидаги жазо-мукофотга ишониш ҳақида сўз боради. Сурада Қуръони каримнинг улкан мўъжиза экани, мушрикларнинг илоҳийлик ва ибодат хусусидаги нотўғри тушунчалари, қиёматнинг ҳақ экани ва ўша кунда содир бўладиган воқеалар ҳақида батафсил сўз боради. Унда Қуръони каримга имон келтиришга қизғин даъват бор.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Алиф, лам, ро. Булар ҳикматли Китоб оятларидир.
Ушбу оятда келган кесик ҳарфларнинг (ҳуруфи муқаттаот) ҳикматини, Бақара сурасида таъкидланганидай, ёлғиз Аллоҳ таоло билади. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг ҳикмат тўла китобидир, унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти тамомий ҳикматдир ва ақлларни лол қолдирувчидир. Қуръони мажид қиёматгача бутун инсониятга ҳидоят маёғи бўлиб қолади, бундан кейин бошқа ҳеч қандай китоб туширилмайди. Шунинг учун инсонлар Аллоҳнинг мўъжиз каломини ҳамиша ўқиб-ўрганишлари, ундаги илоҳий амрларни ҳаётларида дастур қилиб олишлари, Қуръоннинг ҳукмларини бажаришлари ва қайтарганларидан четда бўлишлари лозим. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар бир уммат ичидан ўзлари учун ўзларидан бир гувоҳни келтирадиган кунимизни эсланг! Сизни эса (эй Муҳаммад), анавиларга гувоҳ қилиб келтирамиз. Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китобни нозил қилдик” (Наҳл, 89).
2. Одамларга ўзларидан бир кишини ваҳий билан юбориб: «Кишиларни огоҳлантиринг ва мўминларга Парвардигорлари ҳузурида чин имтиёзлар борлигининг башоратини беринг», деганимиз ажабланарли туюлдими? Кофирлар: «Албатта бу аниқ сеҳргардир», дейишди.
Аллоҳ таоло инсонларга ўзларидан бўлган бир кишини, яъни Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар ўлароқ юбориб, у зотга Ўзининг ваҳийларини нозил қилди ва улар орқали барча инсонларни қиёматдаги Аллоҳнинг мукофот ва жазоларидан огоҳлантиринг, имон келтирганларга охират дунёсида Парвардигорлари ҳузурида асл имтиёзлар, олий мартабалар, мангу яшаладиган гўзал жаннатлар борлигининг хушхабарини беринг, деб буюрди. Аммо илоҳий ваҳий индирилаётганига гувоҳ бўлатуриб ҳам Макка мушриклари у зотга имон келтиришдан, эргашишдан бош тортишди, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор этиб, ёлғонга чиқаришгача боришди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларини эса сеҳргарга чиқаришдан ҳам уялишмади.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтади: “Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни элчи қилиб юборгач, кофирлар инкор этишди ва: “Аллоҳ Муҳаммад каби бир башарни элчи қилиб юборишдан кўра улуғроқдир”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
3. (Эй инсонлар), ҳақиқатан Парвардигорингиз осмонлару Ерни олти кунда яратган ва кейин Аршга истиво қилган Аллоҳдир. У ҳар ишнинг тадбирини кўради, Унинг изнисиз бирор шафоатчи бўлмайди. Парвардигорингиз Аллоҳдир, Унгагина ибодат қилинглар! Ё насиҳатни олмайсизларми?
Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир зот бўлатуриб бир онда пайдо қиладиган нарсани олти кунда амалга оширган. Токи бандалари шошилмай, оҳиста иш қилишни Ундан таълим олсинлар. Бутун оламларни ёлғиз Унинг Ўзи идора қилади, барча ишлар тадбири фақат Унинг тасарруфидадир, Унинг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмайди. Шунинг учун бандалар бутун оламлар Парвардигори, Маъбуди барҳақ Аллоҳ таолога ибодат қилишсин.
Ояти каримадаги Аллоҳнинг Аршга истиво қилиши ҳақидаги жумла борасида уламолар ўртасида ихтилофли фикрлар бор. Араб тилида “истиво” сўзи жуда кўп маъноларни англатади, бу сўзнинг “тугал бўлиш, нуқсонсиз бўлиш”, “тўғриланиш”, “бир нарсани қасд қилиш”, “бир нарсани эгаллаб олиш”, “қарор топиш”, “ўрнашиш” каби бир неча маънолари бор. Агар ана шу маънолардан бири қўллангудай бўлса, Аллоҳнинг зотий сифатлари ҳақида нотўғри тушунча берилган бўлади. Шунинг учун бу каби қуръоний лафзларга сиртдан, зоҳиран маъно беришнинг ҳеч қандай имкони йўқ, акс ҳолда Аллоҳ таолога нисбат бериш мутлақо мумкин бўлмаган маънолар келиб чиқади. Мусулмон умматининг аввалгию ҳозирги барча уламолари иттифоқ қилиб, «Шунга ўхшаш оятларга сиртидан маъно бермаслик керак», дейишган. Акc ҳолда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотига тўғри келмайдиган гаплар чиқиб қолиши мумкин.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан нақл қилинган қавлга кўра, у киши: «Истиво – номаълум эмас, лекин унинг кайфияти маъқул эмас, яъни номаълум, унга ақл етмайди. Аммо истивога иқрор бўлиш иймондир, уни инкор қилиш куфрдир», деган эканлар. Робийъа ибн Абдурраҳмондан: «Аршга истиво қандайдир?» деб сўрашганида, у киши бундай деганлар: «Истивонинг борлиги мажҳул эмас, унинг кайфияти маъқул эмас (яъни қандай кайфиятда экани ақлга сиғмайди). Аллоҳнинг зиммасида пайғамбарни юбориш, пайғамбарнинг зиммасида етказиш, бизнинг зиммамизда таслим бўлишдир».
Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан ривоят қилинади: «Биз Моликнинг ҳузурида эдик. Шунда бир одам кирди ва: “Эй Абу Абдуллоҳ, «Роҳман Аршга истиво қилди». Қандай истиво қилди?” деди. Шунда Молик бошини қуйи солиб турди, уни титроқ босди. Сўнгра бошини кўтариб: “Роҳман Аршга истиво қилди. Ўзи уни қандай сифатлаган бўлса, шундай бўлди. «Қандай бўлди?» деб сўралмайди. Унинг кайфияти маълум эмас. Сени бидъатчидан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман. Олиб чиқинглар буни, деди». Бошқа бир ривоятда имом Молик шундай деганлар: «Истиво маълум, кайфияти мажҳул, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақда савол сўраш бидъатдир. Мен сени аҳли залолатдан деб биламан», деди ва уни ҳайдаб чиқаришга буйруқ берди.
Қиёмат куни ҳам Аллоҳ таолонинг изнисиз бирор киши бошқасини шафоат қила олмайди. Фақат Унинг изну иродаси билангина шафоат қилинади. Ибн Абу Дунёнинг зикр қилишича, Муҳаммад ибн Мусо Соиғ унга Абдуллоҳ ибн Нофеъдан ушбу ҳадисни ривоят қилиб берган экан: “Мадиналик бир киши қазо қилди. Бир киши уни тушида кўрди: гўё у дўзах аҳлидан эмиш. Ҳалиги киши бундан ғамга ботди. Яна бир-икки соатлар ўтиб туш кўрса, у жаннат аҳлидан бўлиб қолган эмиш. Ҳалиги киши: “Ахир дўзах аҳлидан бўлиб қолдим, деган эдинг-ку?” деб сўради. Маййит: “Ҳа, шундай бўлган эди. Бироқ биз билан бир солиҳ одамни дафн қилишди. У ёнида ётганлардан қирқтасини шафоат қилди. Мен ҳам шулар жумласидан бўлдим”, деди”.
4. Аллоҳнинг рост ваъдасига биноан ҳаммангиз Унга қайтасизлар. Бошда ҳам Ўзи яратган эди, энди имон келтирган ва яхши амал қилганларни адолат билан ҳисоб-китоб қилиш учун қайтадан тирилтиради. Кофирларга куфрлари сабабидан ичгани қайноқ сув ва оғир азоблар бордир.
Аллоҳ таоло барча инсонларни Ўзи яратган, демак, қиёмат куни ҳамманинг Унинг ҳузурига қайтиши бор. Аллоҳнинг бу ваъдаси ҳаққи-ростдир, бандаларининг амаллари учун мукофот ёки жазо беришга фақат Унинг Ўзи ҳақлидир. Яхши амал қилган ва имон келтирган инсонларни охират дунёсида улкан мукофотлар (Аллоҳ розилиги ва жаннат) кутаётган бўлса, кофирлар учун Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига куфр келтиришгани сабабидан ташналигини қондиришга қайноқ сув ва аламли азоблар тайёрлаб қўйилган.
5. У Қуёшни чароғон, Ойни нурли қилган ҳамда йиллар сони ва вақт ҳисобини билишингиз учун манзилларини белгилаб қўйган Зотдир. Аллоҳ буларни ҳикмат билан яратган. У билувчи қавмларга оятларини баён этади.
Ояти каримада Қуёшнинг шуъласи «зиё» деб, ойнинг шуъласи эса «нур» деб баён қилинган. Муфассирлар айтишича, «зиё» жуда кучли, чароғон нурга нисбатан қўлланади, баъзилар талқинича, қай нарсанинг шуъласи зотий (яъни, аввалда яратилганидай) бўлса, «зиё» дейилади, ниманинг шуъласи бошқа нарсадан олинган бўлса, «нур» дейилади. Қуёш ўзи нур сочади, Ой эса Қуёш шуъласидан нур олади. Инсонлар йил, ой ва кунлар ҳисобини Қуёш ва Ойнинг ҳаракатига қараб аниқлашади. Бу жисмларнинг ҳаракати нафақат дунёвий ишларда, балки диний ишларда ҳам қўл келади: бандалар намозларини адо этишда, рўза тутишда, бошқа ибодатларни бажаришда ҳам бу ҳисобдан фойдаланишади.
6. Кеча ва кундуз алмашиб туришида ҳамда Аллоҳ осмонлару Ерда яратиб қўйган нарсаларда албатта тақводорлар учун ибрат бордир.
Аллоҳнинг буюк яратувчилик қудратига далил-ҳужжат излаган ҳар бир киши атрофига бир назар солсин: қуёш ва ойнинг бирор кунни канда қилмай мунтазам алмашиниб туриши, кеча ортидан кундузнинг кириб келиши, инсонларнинг ер юзида ҳаёт кечиришлари учун беҳисоб ризқ манбаларининг пайдо қилиб қўйилгани, жонзотларни уларни бўйсундирилгани – ҳамма-ҳаммаси илоҳий мўъжизалардир. Агар уларнинг ҳаракати ёки ҳолати салгина ўзгариб қолса, барча махлуқотлар қай аҳволга тушиб қолишини тасаввур қилиш ҳам мушкул. Олимларнинг ҳисобича, агар қуёшнинг жойлашуви Ерга бир-икки қарич яқинлаштириб қўйилса, бутун замин иссиқдан куйиб ҳалокатга юз тутар экан. Бордию бир-икки қарич узоқлаштириб қўйилса, ҳамма ёқни муз қоплаб, барча жонзот ҳалок бўлиб кетар экан. Бутун коинот тизимини ана шундай дақиқ бир низом асосида яратган Парвардигорнинг қудрати ва ҳикматида Аллоҳдан қўрқувчи тақволи кишилар учун етарли ибрат бор. Аллоҳ таоло айтади: “Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Унга хосдир. Ишлар фақат Аллоҳга қайтарилади. У кечани кундузга киритади ва кундузни кечага киритади. У диллардаги сирларни билувчидир” (Ҳадид, 5-6).
7. Аммо Бизга рўпара келишдан умид қилмайдиган, дунё ҳаётига рози бўлиб хотиржамликка берилганлар ҳамда оятларимиздан ғофиллар ҳам бор.
Аммо Аллоҳ таолонинг борлиқ ва коинотда яратиб қўйган беҳисоб мўъжизалари ва ҳикматларидан ибратланмайдиган, охират дунёсига имони бўлмагани, ишонмагани учун қиёмат куни Парвардигорларига рўпара бўлишдан умид қилмайдиган кимсалар ҳам бор. Яна булардан ташқари, қисқагина дунё ҳаётининг жимжима ва лаззатларига мубтало бўлиб, ҳаётини фақат ўйин-кулги, кўнгилхушликлардан, яхши еб, яхши ичишдан иборат деб ўйлайдиган, охиратдаги насибаси ҳақида мутлақо бош қотирмай, хотиржамликка берилган бепарво кимсалар ҳам бор. Бу ҳолга тушишларига уларнинг Аллоҳ таоло охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган Китоби Қуръони карим оятларидан ғофилликлари ва эътиборсизликлари сабабдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Айтинг: “(Бу Қуръон) Парвардигорингиздан ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлагани кофир бўлсин”. Аниқки, Биз золимлар учун алангалари уларни қамраб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйганмиз. Агар улар (ташналикка чидамай) ялинишса, эритилган ёғ каби юзларни куйдирувчи сув берилади. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!” (Каҳф, 29).
8. Ана ўшаларнинг жойи қилмишлари туфайли дўзахдадир.
Шундай инсонлар борки, ажал етиб бир куни вафот этишларини ва Парвардигорларига рўбарў бўлишларини мутлақо эсга келтиришмайди. Улар дунё ҳаётига ва унинг айшу ишратларига батамом берилиб кетишган. Улар фоний дунё матоҳларига шунчалик алданиб, хотиржам бўлиб қолишганки, атрофларидаги Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикматига далолат қилувчи жуда кўп аломатларни кўришмайди, улардан ибрат олишмайди. Ана шундай ғофил ва бехабар кимсалар агар тезда ҳидоят йўлига юз буришмаса, уларнинг борар жойи дўзахдир. Қуръони карим шундай огоҳлантиради: “У кунда золимларга узрлари фойда бермайди. Уларга лаънат бўлади ва уларга энг ёмон жой (дўзах) бўлади” (Ғофир, 52).
9. Имон келтириб, яхши амаллар қилганларни эса Парвардигор имонлари сабабли ҳидоят этади ва уларга остларидан анҳорлар оқиб турувчи неъматларга тўла жаннат бор.
Аллоҳ таоло инсонларга икки муҳим нарсани буюрган: Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига, нозил қилган китобларига, ўлгандан кейин қайта тирилтиришига имон келтириш ҳамда дунё ҳаётида солиҳ амалларни, яхши, эзгу ишларни қилиб, Парвардигорнинг розилигини топиш. Аллоҳ азза ва жалланинг ана шу амрларини холис бажарганлар икки дунё саодатини қўлга киритишади, қиёмат куни остларидан анҳорлар оқиб турувчи, неъматлар билан тўла жаннатда абадий роҳат-фароғатда яшаш мукофотини олишади. Унинг ушбу буйруқларини бажармаганларни эса мангу қийноқ ва хорлик макони бўлган дўзах кутиб турибди. Аллоҳ таоло айтади: “Қиёмат улар дўзахда синаладиган кундир. (Ўшанда уларга айтилур): “Сизлар (дунёдалик пайтингизда) шошилтирган нарса мана шудир”. Тақводорлар албатта жаннатда ва булоқлар узра, Парвардигорлари уларга ато этган нарсаларни олган ҳолларида бўлишади. Зеро, улар бундан илгари эзгу ишларни қилувчи эдилар” (Зориёт, 13-16).
10. У жойдаги дуолари: «Эй Аллоҳим, Сен покдирсан!», саломлашишлари: «Ассалом!», охирги дуолари эса: «Оламлар Парвардигори Аллоҳга мақтовларимиз бўлсин!»дир.
Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, унинг мукофотига сазовор бўлган, яъни жаннат билан шарафланган солиҳ инсонларнинг абадий роҳат масканидаги дуолари “Субҳанакаллоҳумма” (Эй Аллоҳим, Сен покдирсан!) бўлади. Улар бир-бирларига тинчлик, омонлик тилаб “Ассалому алайкум!” дейишади. Охирги дуолари эса “Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн” (Оламлар Парвардигори Аллоҳга мақтовлар бўлсин!) дир. Ҳаммаммиз бир-биримиз билан доимо “Ассалому алайкум” деб саломлашамизу саломнинг нечоғли аҳамиятли нарса эканини англаб етавермаймиз. Салом – Аллоҳ азза ва жалланинг гўзал исмларидан бири. Салом иймоннинг камоли, Исломнинг шиоридир. Салом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, улуғларнинг одатидир. Салом инсон маънавиятининг кўзгуси, тинчлик элчиси, меҳрмуҳаббат гаровидир. Салом дўстлик аломатидир. Салом инсоний алоқаларни мустаҳкамловчи метин арқондир. Салом яхшиликлар дебочасидир. Салом бўлмаса, дунё зиндондир. Жаннат ҳам салом билан ободдир. Салом жаннат аҳлининг сўрашишидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Салом Аллоҳнинг исмларидан биридир. У Зот уни ер юзига жорий қилгандир. Уни орангизда ёйинглар», деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
11. Агар одамлар яхшилик тез келишини исташгани каби Аллоҳ ёмонликни ҳам тезлатганида эди, ажаллари етган бўларди. Лекин Бизга рўпара бўлишни кутмайдиганларни адашиб юришлари учун туғёнларида қолдирамиз.
Ҳақиқатан инсонлар дуолари тезроқ ижобат бўлиб, Аллоҳ таоло уларга яхшиликларни (ризқ, бойлик, хотиржамлик каби сўраган нарсаларини) тезда беришини исташади. Агар худди шунингдек Аллоҳ таоло ёмонликни ҳам тез келтирганида инсонлар турли бало, фалокат, касалликлар туфайли аллақачон ўлиб кетган бўлишарди. Аллоҳ таоло шунчалик марҳамат қилиб турганида ҳам охиратни ўйламайдиганларни адашиб-улоқиб юришлари учун туғёнларида қолдиради.
12. Инсонга бирор кулфат етса, Бизга ётиб ҳам, туриб ҳам, ўтириб ҳам илтижо қилиб қолади. Ундан кулфатини аритсак, гўё Биздан ҳеч нарса сўрамагандек кетаверади. Ҳаддан ошувчиларга қилган амаллари мана шундай яхши кўрсатилди.
Инсон зурриётининг аҳволи шу: ўзи соғ-омон ва ишлари юришиб турганида ҳеч нарса билан иши бўлмайди. Бордию Аллоҳ таоло тарафидан бирор кулфат, зарар етиб қолса, дарров Унга дуо-илтижолар қилишни бошлайди. Ётса ҳам, турса ҳам, юрса ҳам асосий машғулоти ана шу кулфат-балоларни тезроқ кетказишни Аллоҳ таолодан сўраб, ёлбориш бўлиб қолади. Парвардигор унинг дуоларини ижобат қилиб, фалокатини аритса, яна бепарво бўлиб, олдинги ношукрлигини бошлайди. Гўё Аллоҳ таолодан ҳеч нарса сўрамагандек, Уни батамом унутади. Қилаётган ишлари, топган бойликлари ўзига чиройли кўрсатиб қўйилгани учун фоний дунёда кечираётган ҳаёти, эришган ютуқларига маст бўлиб, ғафлат ботқоғига чуқурроқ ботиб кетаверади. Аллоҳ таоло айтади: “Инсонга бирон зиён етса, Бизга илтижо қилади. Сўнгра Биз ҳузуримиздан унга бирор неъмат ато этсак, у “Шубҳасиз, бу мендаги илм сабабли берилди”, дейди. Йўқ, у синовдир, лекин уларнинг аксарияти буни билишмайди” (Зумар, 49). Демак, мўмин киши барча неъмат ва атолар Аллоҳ таолодан эканини чуқур англаб, ҳамиша У зотга шукрда бўлиши керак экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мўмин кишининг ҳолига хурсанд бўласан. Аллоҳ таоло унга нима қазо қилса, яхшилик бўлади: агар ғам етса, сабр қилади, бу унга яхшилик бўлади; агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади”.
13. Ўзларига зулм қилиб, пайғамбарлари очиқ далилларни келтирганида ҳам ишонишмаганида сизлардан олдингиларни ҳалок қилганмиз. Гуноҳкор қавмларни мана шундай жазолаймиз.
Гуноҳкор қавмлар осийликлари учун тезда жазо, азобга гирифтор бўлишмагани ёки азоб келса-да, яна кўтарилиб кетганига мағрур бўлиб, қувонишмасин. Аллоҳ таоло баъзиларга азоб-жазони тез юборса, баъзиларга кечиктиради. Ҳар ҳолда банданинг бирор амали жазо ёки мукофотсиз қолмайди. Эй инсонлар, сизлардан олдин ҳам Аллоҳ таоло қанча-қанча халқ ва миллатларни зулмлари сабабидан ҳалок қилган. Ваҳоланки, пайғамбарлари уларга Парвардигорнинг илоҳий далилларини, очиқ мўъжизаларни келтирган эди. Лекин саркаш қавмлар буларга имон келтиришмади. Аллоҳ гуноҳкорларга ана шундай жазоларни юборади.
14. Сўнгра нималар қилишингизни кўриш учун улардан кейин сизларни Ерда ўринбосарлар қилдик.
Инсоният тарихига хаёлан саёҳат қилсангиз, ажиб манзаранинг гувоҳи бўласиз. Одамзот яратилганидан буён бу кўҳна замин устида қанчалаб миллат, элат, халқ ва қавмлар яшаб ўтмади. Улардан бирининг ортидан бошқаси ўринбосар бўлиб келди. Аллоҳнинг Ер юзидаги қавмларни бу тарзда ўзгартириб туришининг ҳикмати бор. Бу билан У бандаларини имтиҳон қилади, Ўзининг амрларига итоаткорлари билан осийларини ажратади, ҳақ ёки ботилга эргашганларни аниқлайди. Илоҳий иродага кўра олдин ўтган қавмлар Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилганлари, Унинг пайғамбарларига итоатсизликлари туфайли бу дунёнинг ўзида ҳалокатга учрашди, охиратда эса ҳалокатнинг ҳақиқийсига йўлиқишади. Ҳозирги қавмларнинг қандай амал қилишларини кўриш учун Аллоҳ таоло уларни ота-боболарига ўринбосар қилди. Шу тариқа ҳар бир инсон ўз аждодларининг ўринбосари, ворисидир. Аллоҳ таоло шу йўл билан бандаларининг ишларига назар солади, кузатади, ҳисоб-китоб қилади. Шу ҳисоби бўйича охиратда адолат билан мукофот ёки жазо беради. Абу Саъид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, дунё ширин ва жозибалидир. Албатта, Аллоҳ сизларни унда халифа қилувчи ва қандай амал қилишингизга назар солиб турувчидир. Демак, дунёдан эҳтиёт бўлинглар. Хотинлардан эҳтиёт бўлинглар. Шубҳасиз, Бани Исроилнинг биринчи фитнаси хотинлардан бўлган”, деганлар” (Имом Муслим ривояти).
15. Равшан оятларимиз тиловат қилиб берилганида Бизга учрашишни ўйламайдиганлар: «Бу Қуръон ўрнига бошқасини келтир ёки ўзгартир», дейишади. (Эй Муҳаммад): «Буни ўзимча ўзгартиролмайман, ваҳий қилинган оятларгагина эргашаман, Парвардигоримга осийлик қиладиган бўлсам, улуғ кун азобидан қўрқаман», денг.
Мушрик ва кофирлар Қуръони карим оятлари тиловат қилинганида эътибор билан тинглашарди. Аммо ширклари ва ботил ақидалари танқид қилинган оятлар келтирилганида: «Эй Муҳаммад, Қуръон ўрнига бошқа бирор китоб топ ёки ана шу жойларини ўзгартириб бер», дейишар эди. Уларнинг бу гапларига жавобан юқоридаги ояти карима туширилди (Насафий, Фахриддин Розий тафсирлари). Замонанинг мушриклари ҳам ҳозирги пайтда Қуръони каримнинг ўзларига ёқмаган маънолардаги ояти карималарини ўзгартиришини ёки олиб ташлашни мусулмон уламоларидан талаб қилишаётгани ҳам Қуръони карим ҳукмлари қиёматгача боқий қолишига бир далолатдир.
Мужоҳид бу оятнинг Макка мушриклари ҳақида нозил бўлганини айтган. Муқотил эса, мазкур оят Абдуллоҳ ибн Абу Умайя Маҳзумий, Валид ибн Муғийра, Макроз ибн Ҳифс, Амр ибн Абдуллоҳ ибн Абу Қайс Омирий ва Ос ибн Омирлардан иборат беш киши ҳақида тушганини айтган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга “Бизга бир Қуръон келтиргинки, унда Лот ва Уззога (бутлар номи) ибодат қилиш ман этилмаган бўлсин”, дейишган эди. Калбий айтади: “Бу оят масхара қилувчилар ҳақида нозил бўлган. Улар “Эй Муҳаммад, бу Қуръондан бошқасини келтир, унда биз сендан сўраган нарсалар бўлсин”, дейишган”.
16. «Аллоҳ хоҳлаганида уни тиловат қилмаган ва сизларни хабардор этмаган бўлар эдим. Ахир, бир умр ораларингизда яшадим-ку, нега тушунмайсизлар?!» денг.
Яъни, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарининг (алайҳиссалом) мушрикларга қарата шундай дейишини буюрмоқда: «Қирқ йил ораларингизда яшадим, ҳар бир ҳаракатим сизларга яхши маълум, бирор марта ёлғон сўзламаган киши Аллоҳ ҳақида қанақасига ёлғон сўзлайин, Унинг оятларини ўзгартирайин, нега тушунмайсизлар, ахир Аллоҳ таолога ёлғон тўқувчилар ва Унинг оятларини ёлғонга чиқарувчилар оламда ҳаммадан зиёда золим эмасми?». Ҳақиқатан ҳам Муҳаммад алайҳиссалом ваҳий келгунича ҳам қирқ йил давомида маккаликлар орасида яшаган эдилар. Тўғрисўз, адолатли, ҳалол, хушхулқ инсон бўлганлари учун шаҳар аҳли ичида яхши ном олган эдилар. Хусусан, ўта ростгўйликларидан, омонатдорликларидан «Амин» (ишончли) деган лақаб олган эдилар. Ана шундай сифатларга эга бўлган кишининг қирқ ёшга кирганида бирдан ёлғон гапириб қолиши, хусусан, Аллоҳнинг номидан ёлғон гапириши сира ақлга сиғмайди. Буни ҳатто мусулмонлардан бошқалар ҳам тан олишган. Рум императори Ҳирақл билан Абу Суфён ва унинг шериклари ўртасида ўтган суҳбатда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари ҳам тилга олинган эди. “Ўшанда Ҳирақл Абу Суфёндан: “Бу гапларини айтишидан олдин уни ёлғончиликда айблаганмидинглар?” деб сўради. Ҳали Исломга кирмаган, куфрнинг боши, мушрикларнинг раҳнамоси бўлиб турган Абу Суфён бу саволга: “Йўқ!” деб жавоб берди. Шунда Ҳирақл: “Менимча, одамларга ёлғон гапирмаган одам Аллоҳнинг номидан ҳам ёлғон сўзламайди”, деди” (Имом Бухорий ривояти).
17. Аллоҳга ёлғон тўқиган ёки оятларини ёлғон деювчилардан ҳам золимроқ бормикин?! Гуноҳкорлар асло нажот топишмайди.
Аллоҳ ҳақида ёлғон тўқиш, Аллоҳдан ваҳий келмаса ҳам, менга ваҳий келди, деб даъво қилиш сохта пайғамбарликдир. Бу жуда катта зулмдир. Тарихда кўп кимсалар шундай даъволар билан чиқишган ва барчаларининг оқибати ниҳоятда ёмон бўлган. Ҳатто Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом даврларида ҳам Мусайламатул Каззоб каби сохта пайғамбарлар ҳам чиқиб, охири беному нишон йўқ бўлиб кетди. Шу билан бирга, иккинчи катта зулм ҳам бор. У Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқаришдир. Бундай золимлар ҳам доимо ҳалокатга дучор бўлганлар. Чунки жиноятчилар ҳеч қачон нажот топмаган, топишмайди ҳам. Дунёда Аллоҳнинг шаънига ёлғон тўқишдан ва Унинг оятларини ёлғонга чиқаришдан ҳам каттароқ жиноят, бундан-да улканроқ гуноҳ йўқдир.
18. Ва улар Аллоҳ ўрнига ўзларига на зарар, на фойда келтирувчи нарсаларга сиғиниб: «Аллоҳ ҳузурида қўллайдиганларимиз шулардир», дейишади. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳга осмонлару Ердаги гўё У билмайдиган нарсаларни билдирмоқчимисизлар?» денг. У уларнинг ширкларидан пок ва олийдир.
Мушриклар шу даражага боришадики, Аллоҳга қуллик қилиш ўрнига ўзлари ясаб олган, аслида ҳеч қандай зарар ҳам, фойда ҳам беролмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинишади. Гуноҳларини тан олмай, «Аллоҳ ҳузурида булар бизга шафоатчи бўлади» деган даъвогача боришади. Бу қилмишлари билан гўё Аллоҳ таолонинг осмонлару Ердаги билмайдиган нарсаларига ўзларининг ақллари етганини исботламоқчи бўлишади. Ваҳоланки, бутун оламларнинг Парвардигори бундай мантиқсиз ва асоссиз даъволардан пок, олий Зотдир.
19. Одамлар бир уммат эди, кейин бўлиниб кетишди. Агар Парвардигорингиздан Сўз ўтмаганида улар тортишган нарса ажрим қилинган бўлар эди.
Аллоҳ таоло ҳузурида дин ҳамиша битта бўлган, ҳақ ақидада ҳеч қандай ихтилоф, бўлиниш йўқдир. Ширк ҳамиша энг қаттиқ гуноҳ саналган. Одамлар орасидаги ихтилоф-тортишувлар шунинг учун йўқолмайдики, бу дунё амал дунёсидир, жазо олами энди келади. Инсонларга фақат жузъий ихтилоф берилгандир. Агар Аллоҳ таоло бундан бир нарсани ирода қилиб, олдиндан Каломи ила огоҳлантирмаганида эди, инсонлар орасидаги ихтилофларни бир лаҳзада бартараф этиб қўйган бўларди.
20. Улар: «Нега унга Парвардигоридан бирор мўъжиза туширилмади?» дейишади. Шунда: «Ғайб Аллоҳгагина хосдир, кутинглар, мен ҳам сизлар билан кутаман», денг.
Аллоҳ таоло дин душманлари талаб этаётган мўъжизаларни бир лаҳзада кўрсатиб қўйишга қодир, бу Унга ҳеч қандай машаққат туғдирмайди. Аммо Аллоҳ таоло ғайб илмини ҳузурида яширин қилиб қўйган, булардан Ўзи ирода қилган миқдорда турли замонларда инсонларга билдириб, маълум қилиб туради. Мушриклар даъвоси яна шунинг учун бемаъники, улар атрофларида Аллоҳ таоло яратиб қўйган мўъжиза-далилларни кўришга, улардан ибратланишга ожиздирлар. Охирги туширилган қуроъни каримнинг ўзи асл мўъжизадир. Ундаги оятларнинг мўъжизаси мана ўн беш асрки, инсонларга аста-секин очилиб, маълум бўлмоқда. Шунинг учун Аллоҳ таоло Пайғамбари орқали мушрикларни шошмасликка, буюк мўъжизаларнинг кашф этилишини кутишга буюряпти.
21. Балодан кейин одамларни раҳматимиздан баҳраманд этсак, улар дарров оятларимизга макр қилишади. «Аллоҳ тадбирда ҳаммадан тездир», денг. Фаришталаримиз уларнинг макрларини албатта ёзиб боришади.
Ношукр инсонлар бошларига бир мусибат, бало келса, дарров Аллоҳни эслаб қолишади. Аллоҳ раҳмати ила улардан бу балолар аритса, яна олдинги ширкларига бориб, Унинг оятларини ёлғонга чиқаришни бошлашади. Бутун инсоният тарихи шундай кечган: Мусо алайҳиссалом замонида Фиръавн халқи ҳам шундай қилган эди, ҳозирда ҳам шундай қилишади. Улар билишмайдики, Аллоҳ таоло инсонларнинг ҳар бир сўзи, амали ва ҳаракатини фаришталарига ҳарфма-ҳарф ёздириб боради ҳамда қиёмат куни барчани ҳисоб-китобга тортади.
22. Сизларга қуруқлик ва сувда сайр қилиш имконини берган Удир. Кемада бўлганингизда майин шамол уни елдириб кетса, улар хурсанд бўлишади. Бордию бирдан пўртана бошланиб, тўлқинлар ҳар тарафдан ҳамла қилиб қолса, чўкишларини англаб Аллоҳга ихлос билан: «Агар бизларни қутқарсанг, шукр қилувчилардан бўламиз», дея илтижо қилишади.
Аллоҳ таоло инсонларга қуруқликда, сувда ва ҳавода сайр қилиш, манзилига дарров етиб олиш имконини бериб қўйган. Бу ҳам Унинг бандаларига меҳрибонлиги, марҳамати ва лутфу иноятидир. Бунинг буюк ҳикматини Қуръон нозил бўлган пайтларда унча англаб етишмаган бўлса ҳам, бугунги кунимизда Аллоҳ ато қилган бу неъматларнинг аҳамияти ва фойдасини ҳамма жуда яхши тушунади. Энди бир тасаввур қилиб кўринг: улкан уммонда кемада кетяпсиз, майин шамол уни тез елдириб кетяпти. Шу пайт бирдан довул туриб, уммонда кучли пўртана бошланса, сиз тушган кема писта пўчоқдай ҳимоясиз, ҳалокат ёқасида қолса, қай аҳволга тушасиз? Ушбу ояти каримада Аллоҳни инкор қилувчиларнинг ана шундай ҳолатда қай аҳволга тушишлари мисоли келтирилган. Боягина кемалари ғизиллаб кетаётганида улар жуда хурсанд эди, энди бошларига фалокат тушиши билан дарров Аллоҳни эслаб қолишди. Қутурган тўлқинлар ичида қолиб, ҳалокатлари яқинлигини сезгач, Парвардигорга “Агар бизни қутқариб қолсанг, Сенга шукр қилувчилардан бўламиз”, деб илтижо қилишга тушиб қолишди. Бундай пайтларда нега улар ишониб юрган сохта бут-санамлар жонларига ора кирмаяпти, уларни бу фалокатдан қутқаришга шошилмаяпти? Бундай ўз жонига зулм қилувчилар фалокатдан қутулиб қолишгач, яна осийликларига бориб, Аллоҳни инкор қилишни бошлаб юборишмайди, деб ким кафолат бераркин?
Оятдаги “Кемада бўлганингизда майин шамол уни елдириб кетса...” жумласи иккинчи шахсда келган бўлса, унинг давомидаги “улар хурсанд бўлишади” жумласи учинчи шахсда берилган. Бу араб тилига, хусусан Қуръони карим тилига хос хусусиятлардан бўлиб, оят мазмуни барча инсониятга қаратилганини англатиш учундир. Имом Замахшарий “Кашшоф” тафсирида оятдаги “ҳатта” сўзи кемада сайр қилишнигина англатиб қолмай, балки кейинги оятда зикр этиладиган воқеаларга ҳам далолат қилишини таъкидлаган.
23. У қутқарганида эса улар Ер юзида ноҳақ зулм қилишади. Эй инсонлар, бу зулмларингиз ўз зарарингизгадир. Дунё ҳаёти ўткинчи, кейин Бизга қайтишингиз бор ва Биз қилмишларингиз хабарини берамиз.
Маккаи мукаррама фатҳ этилганидан кейин Ислом душмани Абу Жаҳлнинг ўғли Акрама Маккадан қочиб, денгиз сафарига жўнади. Бироз юришганидан кейин кемалари пўртанага учради. Кемачи ундагиларга: «Ҳаммаларинг ёлғиз Аллоҳга йиғлаб илтижо қилинглар, ботил маъбуд (бут)ларинг бунақа пайтда ҳеч нарсага ярамайди», деди. Шунда Акрама: «Бу Худо Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳаммани ибодатга чақираётган Худодир, модомики, Муҳаммаднинг илоҳи денгизда ҳам халоскор бўлгач, У қуруқликда ҳам нажот бергувчидир. Эй Парвардигор, агар бу мусибатдан қутулсам, Муҳаммад алайҳиссалом қўлларига ўзимни топширай, у зотга байъат қилай, у жанобнинг ахлоқлари шундайки, мени албатта кечирадилар», деди. Дарҳақиқат, шундай бўлди: у денгиз фалокатидан қутулиб, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида Исломга кирди. Аммо нажот топганидан кейин яна гуноҳ қилувчиларнинг фақат ўзлари зарар кўришади. Улар вақтинча дунё ҳаётида яшаб юришса ҳам, барибир Оламлар Парвардигори ҳузурига қайтишади ва қилмишларига яраша муносиб жазони олишади.
24. Дунё ҳаётининг мисоли Биз осмондан туширадиган сувга ўхшайди: ундан Ерда ўсимликлар униб чиқади, улардан инсонлар ва ҳайвонлар фойдаланишади. Ер юзи ясаниб, чиройли бўлганида, ундагилар ўзларини хўжайин ҳис этишаётганида бирдан кечасими ё кундузими, Бизнинг амримиз келиб, Ерни кечагина ҳеч нарса ўсмаган шип-шийдам далага айлантириб қўяди. Биз тафаккур қилувчиларга оятларимизни шундай тушунтирамиз.
Аллоҳ таоло осмондан қор-ёмғир ёғдирсагина ва Қуёш нурлари билан қиздирсагина Ер юзида турли экинлар, мевали дарахтлар ғарқ етилиб пишиб, инсонлар ва чорва ҳайвонларига егулик озуқа бўлади. Бутун олам чаманга айланиб, боғу бўстонлар ҳосилга тўлган бир пайтда ногаҳон Аллоҳ таоло бирор офатни (жала, дўл, қурғоқчилик, ҳашарот кабилар) юборса, кечагина барқ уриб яшнаб турган дала-боғлар қуп-қуруқ, ҳосилсиз ерга айланади. Аллоҳ таоло дунё ҳаётини ҳам ана шундай ўткинчи бир нарсага ўхшатяпти. Фикрлайдиган инсонлар бундан ибрат олишсин, вафосиз дунё матоҳларига алданиб қолишмасин.
25. Аллоҳ «тинчлик уйи»га чорлайди ва хоҳлаганини тўғри йўлга бошлайди.
Ояти каримадаги «доруссалом» (тинчлик уйи) сўзини муфассирлар турлича тафсир қилишган: баъзилари бундан мурод жаннат назарда тутилган дейишса, айримлари Салом Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлгани боис, Аллоҳнинг жаннати, деган маъноси бор, дейишган. Тинчлик уйи шундайки, унда ғам, ранж, кулфат, қайғу, беморлик кабилар бўлмайди, имонли инсонлар роҳат-фароғатда, айшу тарабда бўлишади. Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандаларини тўғри йўлга, ҳидоят йўлига йўллаб қўяди.
26. Яхшилик қиладиганларга гўзал савоб ва ундан зиёдаси берилади, уларнинг юзларини қайғу ҳам, ранж-кулфат ҳам босмайди. Жаннат эгалари шулардир ва унда мангу қолишади.
Бандалар гўзал солиҳ амаллар, яхшиликлар қилишса, уларга ҳам гўзал савоблар берилади, яхшилик қилинади: мангу роҳат-фароғатда яшаладиган жаннат билан мукофотланишади. Бундан ҳам зиёда яхшилик: Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, Унинг дийдорига мушарраф бўлишади. Жаннатийларнинг юзлари ҳамиша нурлидир, уларда ғам, хорлик, кулфат асоратини мутлақо кўрмайсиз.
Суҳайб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг “Яхшилик қиладиганларга гўзал савоб ва зиёдаси берилади” ояти ҳақида “Жаннат аҳллари жаннатга киришганида бир жарчи: “Эй жаннат аҳллари, Аллоҳнинг ҳузурида албатта У зотнинг сизларга берган ваъдаси бор. Ўшани сизга беришни истайди!” деб жар солади. (Жаннатийлар): “Юзларимизни оқ қилиб қўймадингми, дўзахдан сақламадингми, жаннатга киритиб қўмадингми?” дейишади. Шунда уларга парда очилади.Аллоҳга қасамки, Аллоҳ уларга У Зотнинг жамолига назар солишдан кўра севимлироқ бошқа нарса бермагандир”, дедилар” (Имом Муслим ва Термизий ривояти).
27. Ёмонлик қилувчиларга эса жазо шунга яраша бўлади: уларни хорлик ўраб олади, Аллоҳ жазосидан қутқариб қолувчи бўлмайди, юзларини зулмат каби қоп-қора парда қоплайди. Ана шулар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.
Ёмон амалларнинг жазоси эса шунга яраша ёмон бўлади. Ёмонлик қилувчиларнинг юзи тун зимистони каби қорайиб кетади, ўзлари расволик ва хорликда қолишади, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобидан уларни қутқариб қолувчи бирор зот топилмайди ва оғир қийноқлар тўла дўзахда абадий қолишади. Аллоҳ таоло айтади: “Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак ва дўзахда куяжак. Дарвоқе, (дунёдалик пайтида) у аҳли-оиласида шод-хуррам эди, ўзини ҳеч қачон (Парвардигори ҳузурига) қайтмасман, деб ўйлар эди. Йўқ, Парвардигори уни шубҳасиз кўриб турувчи эди” (Иншиқоқ, 10-15).
28. Ўшал куни Биз ҳаммани тўплаймиз ва мушрикларга: «Сизлар ҳам, шерик қилганларингиз ҳам жойингиздан қимирламанглар», деймиз. Кейин уларни ажратганимизда, шерик қилганлари айтади: «Бизга сиғинмаган эдингизлар;
Оятдаги “ўшал кун” жумласидан қиёмат англашилади. Қиёмат куни барча инсонлар ва жинлар Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб-китоб учун тўпланганида Парвардигор ҳаммаларининг, яъни инсонларнинг ҳам, улар Аллоҳга шерик қилиб сиғинган буту санамларнинг ўз жойларидан жилмай, илоҳий амрни кутиб туришга буюради. Ана шундай таҳликали дамларда мушрикларнинг шўри қурийди. Улар сиғиниб юрган буту санамлар, сохта илоҳлар оралари ажратилиши биланоқ ўзларига сиғиниб юрган нодонлардан юз ўгиришади, “Бизга сиғинмаган эдинглар, деб тонишади.
29. сизлар билан ўртамизда Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ, ибодатларингиздан бехабар эдик».
Бут ва санамлар, сохта илоҳлар ўзларига сиғиниб юрган мушриклардан тонибгина қолмай, уларни Аллоҳ ҳузурида шарманда ҳам қилишади. Мана, сизлар билан ўртамизда Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ, сизларнинг бизга сиғинганингиздан, бизга қилган ибодатларингиздан мутлақо бехабар бўлганмиз. Энди, ҳолингизга вой, сизларга бизлар ҳам, бошқалар ҳам, ҳеч ким ёрдам бера олмайди, ҳеч ким сизнинг баҳона-даъволарингизни эшитмайди, деб уларнинг ярасига туз сепишади. Аллоҳ таоло айтади: “Ўша куни мушрик кимсалар ўзларининг келтирган ширкларини кўрган вақтларида: “Эй Раббимиз, анавилар Сени қўйиб, сиғинган илоҳларимиз”, дейишганида (“илоҳ”лар бунга жавобан): “Сизлар ҳақиқатан ёлғончидирсиз”, деб сўз қотишади” (Наҳл, 86).
30. Шунда ҳар бир инсон ўз қилмишларидан хабардор бўлади, ҳаммалари ҳақиқий Хожа Аллоҳга қайтади, ўйлаб топган нарсалари ғойиб бўлади.
Қиёмат куни ҳар бир инсон ўзининг барча қилмишлари котиб фаришталар томонидан битта ҳам қолдирмай ёзиб қўйилганидан, энди улар учун Аллоҳ ҳузурида ҳисоб бериш кераклигидан хабардор бўлади. Ҳамма Аллоҳ таоло ҳузурида тўпланганида мушриклар топиниб юрган бут-санамлар «Бизга сиғинмагансизлар, Аллоҳнинг Ўзи гувоҳки, бизлар ибодатларингиздан бехабар бўлганмиз», деб уларни ташлаб кўздан ғойиб бўлади. Шундай экан, азамат ва қудрат эгаси Буюк Аллоҳга ана шундай ожиз ва бевафо бутларни нега шерик қилиб юрибсизлар? Нега буюк ва қудратли, ҳамма нарсага қодир Аллоҳ турганда жонсиз, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган бут ва санамлардан ёрдам кутиб, шафоатчи ахтариб юрибсизлар?
31. (Эй Муҳаммад): «Ким сизларга осмондан ва Ердан ризқ беради? Ким эшитиш ва кўришга эгалик қилади? Ким ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқаради? Ким бутун ишларни бошқаради?» денг. Улар: «Аллоҳдир!» дейишади. «Унда қўрқмайсизларми?» денг.
Маккада яшовчи араб мушриклари Аллоҳнинг борлигини инкор этишмаса-да, «Аллоҳнинг шериги бор» деган ақидалари билан йўлдан озишган эди. Улар эътиқодда Аллоҳ таолонинг зоти ҳақидаги илоҳий таълимотларга эмас, ўз тушунчаларига ва ота-боболарининг одатларига суянишарди. Шунинг учун бу мушриклар ўз қўллари билан ясаб олган бут-санамларни “илоҳ” санаб, уларга ибодат қилишар ва булар катта Худо ҳузурида бизга шафоатчи бўлади, деб ишонишар эди. Ўтган оятда уларнинг бу эътиқодлари бузуқ экани баён қилинган бўлса, ушбу ва ундан кейинги оятларда Аллоҳ таоло уларнинг хатоларини тўғрилаш учун Ўз Пайғамбарига бир неча саволлар билан мушрикларга мурожаат қилишни буюрмоқда: “Ким сизларга осмондан ва Ердан ризқ беради, яъни осмондан ёғин ёғдириб, экинларингни ўстиради, ерларингни яшнатади, боғларингни гуллатади?”; “Кўриш ва эшитиш неъматини сизларга ким ато этган?”; “Ким ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқаради?”; “Ким дунёдаги ҳамма ишларни қатъий низом асосида бошқариб туради?”. Мушриклар бу саволларга “Аллоҳдир” деб жавоб беришадию аммо қўлидан ҳеч нарса келмайдиган бут-санамларига топинишни канда қилгилари келмайди. Ҳақиқатан, мушрикларнинг мантиғи тасаввурга сиғмайди: осмонлардан қор-ёмғирларни ёғдириб, гиёҳ ва экинларни ундирган, Ер юзидаги қимирлаган ҳар бир жонга ризқ берган, ўлик тухумдан тирик жўжани, тирик товуқдан ўлик тухумни чиқаришга қодир бўлган, инсонларга кўриш учун кўзларни, эшитиш учун қулоқни, дунё ҳаётида қийналмай яшаш учун ақл-идрокни ато этиб қўйган ягона, мутлоқ ҳукмдор Аллоҳ таолога қандайдир ўзлари ўйлаб топган, ҳеч нарсага ярамайдиган жонсиз бут-санамларни шерик қилиб, топиниб юришади.
Қуръон янги нозил бўлган даврда яшаганларнинг тасаввурида барча жони бор нарсалар тирик, жонсиз, қимирламайдиган нарсалар ўлик ҳисобланган. Ҳозирга келиб илм-техника тараққий этгач, олимлар Қуръони каримда зикри келган жуда кўп мўъжизларнинг моҳиятини англаш имконига эга бўлишди. Олимлар тажрибалар ўтказиб, жонсиз тухум, уруғ ва данакда ҳаёт борлигини аниқлашди. Маълум омиллар туфайли улар жонланиб, қушга, ўсимликка ёки дарахтга айланади. Бу кашфиётдан кейин худосизлар “Худонинг йўқлигига далил топдик”, деб қувонишди. Лекин бир оз вақт ўтгандан сўнг яна дамлари ичига тушиб кетди. Абдулмажид Зиндоний, аллома Воҳидуддинхонга ўхшаш мўмин уламолар кофирларни чуқурроқ ўйлашга таклиф этишди. Хўп, тухумда ҳаёт бор экан, маълум бир омил таъсир қилса, қушга айланар экан, ўша қобилиятни тухумнинг ичига ким жойлаб қўйди? Қушнинг тумшуғи, суяги, ичаги ва бошқа аъзолари тухумнинг қаерида эди? Уларни ким бу ҳолга келтирди? Тухум босган она қушми ёки инкубаторга тухум қўйган паррандабоқарми ёки кашфиётчи имонсиз олимми? Уруғдан ўсимлик, данакдан дарахт чиқиши ёки акс жараён хусусида ҳам бир ўйлаб кўришсин!
Яъни чиндан ҳам шундай бўлса, унда нега Аллоҳдан қўрқмайсизлар? У сизга ризқ, қулоқ, кўз берган бўлса, ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқараётган бўлса, борлиқдаги ҳар бир ишнинг тадбирини қилаётган бўлса, нимага Ундан қўрқмайсизлар? Нега У Зотга имон келтирмайсизлар? Нимага Унга ибодат қилмайсизлар?!
32. Ҳақиқий Парвардигорингиз Аллоҳдир! Ҳақиқатдан ўзгаси фақат адашишдир. Қаёққа оғиб кетяпсизлар?!
Ҳақиқат битта бўлгани каби бутун оламларнинг тарбиякунандаси, барча махлуқотнинг яратувчиси ҳам ягона, битта бўлади. Эй инсонлар, сизларнинг ҳақиқий тарбиякунандангиз, Парвардигорингиз – ёлғиз, шериксиз, ҳамма нарсанинг хожаси Аллоҳдир! Шундай бўлгач, нега Аллоҳга тоат-ибодат қилиш ўрнига бут ва санамларга, сохта “илоҳ”ларга сиғиниб юрибсиз? Ҳақ қаршингизда туриб, нега залолат сари бурилиб кетяпсиз? Ҳақ турганида ботил нечун керак бўлиб қолди? Аллоҳнинг яратиш қудрати, У зотнинг ҳар қадамингизда учраб турадиган мўъжизалари ҳақида нега тафаккур қилмайсиз, ибратланмайсиз? Қачонгача жоҳиллигингизга бориб, ҳавойи нафсингизнинг сўзига, шайтонларнинг алдовига учиб, ҳақ йўлдан чекиниб, залолат сўқмоқларига юрасиз? Ҳақдан, ҳақиқатдан ўзгаси бари адашув ва заолатдир!
33. Уларнинг имон келтирмаслиги ҳақидаги Парвардигорингизнинг Сўзи тасдиқланди.
Аллоҳ таоло кўзларини ғафлат тўри қоплаган ва осийлик чангалзорларида дарбадар юрган кофир ва мушрик кимсаларнинг асло имонга келмасликлари ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўп оятлари орқали огоҳлантирган. Аслида уларни ҳеч ким имонга келишдан тўсаётгани йўқ. Уларнинг кибри, ҳасади ва жоҳиллиги кучайгандан кучайиб кетгани учун ҳам улар Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилишади, Пайғамбарининг сўзларини ёлғонга чиқаришади. Улар очиқ-ойдин далил-ҳужжатларни, мўъжизаларни кўра-била туриб, тафаккур қилишмайди, ҳақиқатни англаб туриб, яна бошқа ботил йўлга юриб кетишаверади. Аллоҳ таолонинг улар имонга келмаслиги ҳақидаги Сўзи тасдиқланди, улар қиёматгача бахтиқароликда қолиб кетишди.
34. (Эй Муҳаммад): «Сизлар шерик қилаётганлар орасида олдин яратиб, кейин яна қайтара оладигани борми?» денг. «Аллоҳ яратади ва сўнгра қайтаради, унда нега юз ўгиряпсизлар?» денг.
Дарҳақиқат, мушриклар Аллоҳ таолога шерик қилаётган бут ва маъбудлар йўқ ердан бирор жонзотни яратишга ҳам, ўлганидан кейин эса яна тирилтириб, ҳаётга қайтаришга ҳам қодир эмас. Фақат ҳар нарсага қодир Парвардигоргина яратади, вафот эттиради ва яна қайта тирилтиради. Шуни билатуриб ҳам мушриклар нега Ҳақдан юз ўгиришларини тушуниш қийин. Ўша мушриклар сиғиниб юрган бут-санамлар асло бирор жонзотни яратишга қодир эмас. Агар улар шунчалик қудратли бўлса, оддийгина битта чивинни ёки миттигина чумолини яратиб кўришсин-чи! Хўп, уни ясашга ҳам эришди, дейлик. У ҳолда ўша миттигина чумоли ёки чивинга кўз, оёқ, қанот, оғиз, томир, умуртқа каби аъзоларни ярата олишармикин? Уларнинг тансига озуқа топиш, душманидан яшириниш, насл қолдириш, сезиш каби туйғуларни жойлай олишармикин? Ҳақиқат шу экан, унда нега мушрик кимсалар Аллоҳни қўйиб, ожиз ва нотавот бутларга сиғиниб юришибди?
35. «Шерик қилаётганларингиз орасида Ҳаққа бошлайдигани борми?» деб сўранг. «Аллоҳгина Ҳақ йўлга бошлайди, эргашиш учун ҳидоятга бошловчи ҳақлими ёки йўл тополмайдиган, ўзи етовга муҳтожлар ҳақлими? Сизларга нима бўлди, қандай қарорга келдингизлар?» денг.
Яъни, Аллоҳ таоло ҳабиб Пайғамбарига буюряптики, ўша мушрикларнинг сиғиниб юрган нарсалари орасида Ҳаққа, ҳидоят йўлига бошлайдиганлари бор-йўқлигини сўраб кўринг-чи! Мушрик ва кофирлар эргашаётган буту санамлар ва бошқа нарсалар ҳидоятга – тўғри йўлга бошлай олармиди? Улар пайғамбар юбориб, китоб нозил қилиб, инсонларни тўғри йўлга йўллай олармиди? Ўша жонсиз бутлар инсонларни икки дунё бахти билан таъминлай олармиди? Ваҳоланки, улар ҳеч қачон ҳақ йўлни ҳам, ҳидоят йўлини ҳам топишга қодир эмас! Бунга фақат ягона Парвардигорингиз Аллоҳгина қодирдир.
36. Уларнинг кўплари гумонга эргашади, холос. Аслида ҳақиқат олдида гумон ҳеч нарсага ярамайди. Аллоҳ уларнинг қилмишларидан албатта хабардордир!
Мушриклар ҳақиқатни англай олишмагани учун «бизлар ҳақ йўлда бўлсак керак, чунки ота-боболаримиз ҳам олдин шу йўлда бўлишган, топинаётган бут-санамларимиз Аллоҳ ҳузурида жонимизга ора кирса керак», деган гумонларга таянишади. Гумонлар ҳеч қачон ҳақиқат ўрнини босолмайди, балки адаштиради. Аллоҳ таоло барчанинг қилаётган ишларидан, дилларидаги ниятларидан яхши хабардор, қиёмат куни шунга яраша мукофот ёки жазо беради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда яратдигу сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизми?” Зотан, ҳаққоний Подшоҳ – Аллоҳ юксакдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир ва У улуғ Аршнинг Парвардигоридир. Ким ўзида ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бошқа (бирор) “илоҳ”га сиғинса, бас, унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузуридадир. Кофирлар (охиратда) асло нажот топишмайди” (Муъминун, 115-117).
37. Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга тарафидан тўқилиши мумкин эмас, балки оламлар Парвардигоридан олдингиларини тасдиқловчи, ҳукмларни очиқ баён этувчи қилиб юборилган ҳақлигига ҳеч шубҳа йўқ Китобдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммадга (алайҳиссалом) туширилган Қуръони карим шундай бир мўъжиза китобки, ундаги илм, маърифат, ҳукм-қонунлар, Китобнинг фасоҳатию балоғатига очиқ кўз билан назар солинганда беихтиёр «Бу Китоб Аллоҳ таолодан бошқа томонидан туширилиши мумкин эмас, чунки ақлларни лол қолдирувчи бундайин Китобни иншо этиш инсон зотининг қўлидан келмайди, Аллоҳдан ўзгаси бунга қодир эмас», дейилади. Ҳақиқатан, Қуръон ҳақида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) билан тортишган Макканинг энг иқтидорли мушрик сўзамоллари ва шоирлари ҳам унинг биттагина кичик сурасига ўхшаш нарса келтиришга муваффақ бўла олишмаган. Ушбу Китоб ўзидан олдин туширилган барча илоҳий китобларни тасдиқлаш, улардаги ҳукм ва воқеаларни очиқ баён этиш ва изоҳлаш учун бутун оламлар Парвардигори томонидан юборилган. Унинг ҳақлигига асло шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас.
38. Балки ўзи тўқиган дейишар?! (Эй Муҳаммад): «Агар рост айтаётган бўлсангизлар, Аллоҳдан ташқари барча бутларингизни ёрдамга чорлаб бўлса-да, шунга ўхшаш битта сура келтиринглар-чи!» денг.
Кофир ва мушриклар, мана ўн беш асрдирки, «Қуръони каримни Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ўзи ёзиб, Аллоҳга нисбат беряпти», деган мантиқсиз бир иддаони қилиб келишяпти. Ваҳоланки, Сарвари олам ўқиш-ёзишни билмаганлар, ўзларига тушган ваҳийларни котибларга айтиб ёздирганлар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз ҳабибига бундай дейишни буюряпти: «Мен ҳам сизларга ўхшаган оддий бир одамман, агар бу ишга қодир бўлганимда сизлар ҳам бемалол бунинг уддасидан чиққан бўлардинглар, дунёдаги барча сўз усталарини, қалам соҳибларини тўплаб, ҳаммаларингиз Қуръони каримнинг кичик бир сурасига ўхшаш нарса келтириб кўринглар-чи, агар рост гапираётган бўлсангизлар, буни уддалайсизлар, аммо бундай сураларнинг бир жумласини ҳам келтира олмайсизлар».
39. Аммо улар илмлари етмаган, моҳияти очилмаган нарсаларни ёлғонга чиқаришади. Улардан олдингилар ҳам шундай ёлғон санашган эди. Золимларнинг оқибати қандай тугаганини бир кўринг!
Яъни, эй Муҳаммад (алайҳиссалом), уларнинг Қуръон сурасига ўхшаш бирор нарса келтиришга ожизликларини қўятуринг, мушриклар ақллари ва билимлари етмаган, ҳали ҳақиқати очилиб-маълум бўлмаган нарсаларни ёлғонга чиқаришяпти. Булардан олдин ўтган ота-боболари ҳам ҳақиқатни мана шундай ёлғон санашган эди, уларнинг оқибати нима билан тугаганини энди бир кўринг.
Қуръони каримдаги “оқибат” сўзи “ақб” масдаридан олинган бўлиб, луғатда “бир ишнинг натижаси, ниҳояси; кишининг ўзидан кейин қолдирган фарзандлари; яхши ёки ёмон натижа; жазо ёки мукофот” маъноларини билдиради. “Оқибат” Қуръонда аввалда ўтган шахсларнинг ва миллатларнинг қисматидан ибрат олиш, Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарувчилар, золим, осий ва фожир кимсалар, огоҳлантиришларга қулоқ солмаган саркаш қавмлар дунё ҳаётидаёқ дучор бўладиган ёмон оқибатлар ҳақида айтилади. Ибрат олиш учун улардан хабардорликнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу каби фалокатларнинг моддий натижаларини кўриш учун ер юзида саёҳатлар қилиш, улар ҳақида фикр-мулоҳазалар қилиш ҳам керак. Ер юзида бузғунчилик, итоатсизлик ва зулм қилиб юрганлар эса бошларига ёмон оқибатлар келишини, бу ўзгармас илоҳий қонун эканини яхши англаб олишлари лозим.
40. Уларнинг орасида бунга ишонадиганлари ҳам, ишонмайдиганлари ҳам бор. Парвардигорингиз бузғунчиларни жуда яхши билади.
Аллоҳ таолонинг илоҳий илмига кўра Қуръони карим ҳукмларига имон келтириб, унинг иноятидан баҳраманд бўлганлар ҳам, унга ишонмай, илоҳий насибадан маҳрум қоладиганлар ҳам бор. Бунинг ҳикмати Аллоҳ таолога яхши аёндир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, уларга (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир” (Раъд, 25).
41. (Эй Муҳаммад), агар сизни ёлғончига чиқаришса: «Менинг амалим ўзимга, сизларники ўзингизга, сизлар менинг ишимга дахлдор эмассизлар, мен – сизларникига», денг.
42. Улар орасида сизга қулоқ соладиганлари ҳам бор. Аммо тушунишни истмайдиган карларни эшитадиган қила олармидингиз?!
43. Улар орасида сиз тарафга боқадиганлари ҳам бор. Аммо кўришни истамайдиган кўрларни йўлга сола олармидингиз?!
44. Ҳақиқатан Аллоҳ инсонларга бирор нарсада зулм қилмайди, аксинча улар ўзларига зулм қилишади.
Чиндан ҳам қанчалаб инсонларнинг эшитишга қулоқлари, кўришга кўзлари бор, аммо ботиний кар ва кўр бўлишгани учун илоҳий неъматдан бебаҳра қолишган. Аллоҳ таоло асл фитратида инсонни итоаткор, оқил, фаросатли қилиб яратганига қарамай, қанча-қанча инсонлар нафс ва шайтон қутқусига учиб, чин саодатни бой беришади, ўзларига берилган катта имкониятларни ҳавойи нафс истакларига қурбон этиб, ўзларига зулм қилишади.
45. Аллоҳ уларни тўплаган кунда ерда худди куннинг бир соатича яшагандек, бир-бирларини энди кўраётгандек бўлишади. Аллоҳга учрашишни инкор қилганлар албатта зиён кўришди ва тўғри йўлда бўлишмади.
Қиёмат кунини ва ушбу кунда Аллоҳга рўпара бўлиб, ҳисобга тортилишини ёлғонга чиқариб инкор этган, ҳидоят йўлидан чекинган инсонлар дунё ҳаётида атиги бир соатча яшагандек, бир-бирлари билан энди танишаётгандек ҳолатда бўлишади. Ким ҳам энди танишган одамига ёрдам беришга қодир бўла оларди?
46. Агар уларга ваъда қилган азобларимиздан сизга (эй Муҳаммад) кўрсатсак ҳам, ё сизни олдинроқ вафот эттирсак ҳам, барибир уларнинг қайтиши Бизгадир. Кейин уларнинг қилмишларига Аллоҳ гувоҳдир.
Аллоҳ таоло суюмли Пайғамбарига хитоб қиляптики, тўғри йўлдан чекинган гумроҳларга ваъда қилган азоб-жазоларимиздан баъзисини кўрасиз, баъзисини эса сиз вафот этгандан кейин юборамиз. Сиз азобларимизни кўрсангиз ҳам, кўрмасангиз ҳам, барибир уларнинг Бизга қайтишлари аниқ. Биз уларнинг ҳар бир қилмишидан яхши хабардормиз.
47. Ҳар умматнинг пайғамбари бўлади, пайғамбарлари келгач, улар ўртасида адолат билан ҳукм юртилади, бирорталарига зулм қилинмайди.
Қиёмат куни ҳар бир уммат ҳисоб-китоб қилинаётганида уларнинг пайғамбарлари ҳозир бўлишади. Уларнинг гувоҳликлари олинганидан сўнггина умматлар ўртасида адолат билан ҳукм чиқарилади, бирор кишига ҳам зулм қилинмайди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Биз пайғамбар юборилганлардан ҳам, пайғамбарлардан ҳам албатта сўраймиз” (Аъроф, 6).
48. Улар: «Агар рост айтаётган бўлсангиз, ваъда қачон амалга ошади?» дейишади.
Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва охират кунига ишонмайдиганлар ҳамиша пайғамбарларга шундай савол билан мурожаат қилишган: “Агар айтаётганларинг рост бўлса, сен айтаётган қиёмат қачон бўлади, ваъда қилинган Аллоҳнинг азоби қачон амалга ошади?”. Худди шу каби мушриклар ва қиёматни инкор этувчилар Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) ва мусулмонларга: «Қиёматдаги азоблар билан қўрқитяпсиз, агар гапларингиз рост бўлса, бу азоблар қачон келади?» дейишар эди. Кофирларнинг бу саволларига қандай жавоб беришни Аллоҳ таолонинг Ўзи қуйидаги ояти орқали Пайғамбарига ўргатмоқда:
49. (Эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳ хоҳламаса, мен ўзимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайман. Ҳар бир умматнинг ажали бор, ажаллари келган вақтда уни бирор соат кейинга ҳам, олдинга ҳам сура олишмайди», денг.
Аллоҳ таоло ваъда қилган жазо-азоб соатлари келгач, ҳар қанча доно ва тадбирли бўлишмасин, инсонлар азобдан қутулишга ҳаргиз чора топа олишмайди. Бу пайтда имон келтиришгани ҳам фойда бермайди. Чунки ўзлари шуни хоҳлашган, азоб тезроқ келишини кутишган, охирзамон Пайғамбари ва мусулмонларни кинояли саволлар билан калака қилиб, жонларига тегишган эди.
50. «Айтинглар-чи, Унинг азоби кечаси келадими ё кундузи? Унда бузғунчилар бунинг нимасига шошилишяпти?» денг.
Яъни, эй суюкли Пайғамбарим, ўша мушрик кимсалардан сўраб кўринг-чи, улар интизор кутаётган азобимиз кечаси келадими ёки кундузи? Қачон келишини билишмас экан, унда нега бунчалик шошилишади? Ёки азобимизнинг келишига ишонишмайдими? Қуръони карим қиёматнинг келиши ва устларига Аллоҳнинг азоби тушишига ишонмайдиган кимсаларни шундай огоҳлантиради: “Яна улар: “Агар ростгўй бўлсангиз, мана шу ваъда (азоб) қачон бўлади?” дейишади. Улар ўзаро баҳслашиб турганларида уларни тутувчи биргина (даҳшатли) қичқириқнигина кутмоқдалар. Шунда улар на бирор васият қилишга, на аҳлига қайтишга қодир бўлурлар” (Ёсин, 48-50).
51. Бу содир бўлганидан кейингина ишонасизларми? «Энди-я?! Ахир уни тезлаштиришни хоҳлаган эдинглар-ку?!»
Яъни, қиёматнинг ва Аллоҳнинг азоби қачон келиши борасида мусулмонлар билан тортишаётган мушриклар барибир адашувда қолиб кетишади, уларнинг саркашлиги, осийлиги ҳақни кўришдан ва англашдан маҳрум қилиб қўяди. Эй Пайғамбарим, улар қиёмат содир бўлиб, улар кутган азоб бошларига келгандан кейингина ишонишармикин? Аммо унда ўзларига қийин бўлади, имонга келишлари учун имкон ва вақт қолмайди. Улар азобимиз келишини тезлаштиришни исташган эди, мана, кутганлари келди. Энди улар нима қилишаркин? Бошларини қайга уришаркин? Кимдан ёрдам ва шафоат кутишаркин?
52. Сўнгра золимларга: «Абадий азобни тортинглар, кирдикорингизга яраша жазосини оляпсизлар», дейилади.
Аллоҳ таоло қиёмат куни барча инсонларни Ўз ҳузурига тўплаганида ҳисоб-китоб бошланганини кўрган мушриклар ўзларини ҳар томонга уриб, кўзларини жавдиратиб, ўзлари орзу қилган илоҳий азобнинг келганидан даҳшатга тушишади, бундан қутулиш йўлларини излашади. Аммо уларга ҳеч қандай нажот бўлмайди, бирор зот уларнинг жонига ора кирмайди. Аллоҳ таоло ваъда қилганидай: “Улар: “Ҳолимизга вой! Ким бизни ухлаётган жойимиздан уйғотди?” дейишганида, “Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар сўзлаган рост нарсадир (қиёматдир)”, дейилади” (Ёсин, 52).
53. Сиздан (эй Муҳаммад): «Жазо ҳақми?» деб сўрашади. «Ҳа, Парвардигорга қасам, у ҳақдир, ундан асло қочиб қутула олмайсизлар!» денг.
Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, эй Пайғамбарим, қиёмат кунининг келишига ва Бизнинг азобимизга ишонмай, ҳазил санаб юрган ўша нодонлар сиздан “Аллоҳ охиратда берадиган жазо ҳақми?” деб сўрашса, уларга айтингки: Ҳа, Парвардигоримга қасамки, илоҳий жазо ҳақдир ва у албатта ижро этилади, ундан асло қочиб қутула олмайсизлар! Қуръони карим бундай огоҳлантиради: “Эй инсонлар! Аллоҳнинг ваъдаси албатта ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти алдаб қўймасин! Яна сизларни алдоқчи (шайтон) алдаб қўймасин!” (Фотир, 5).
54. Зулм қилган ҳар бир жон ер юзидаги барча бойликни бериб бўлса ҳам қутулишни истайди. Улар азобни кўргач, ич-ичларидан пушаймон бўлишади. Ўрталарида адолат билан ҳукм юритилади, асло зулм қилинмайди.
Кофирлар мазах қилиб: «Эй Муҳаммад, ваъда қилинган азоб ростми, рост бўлса у қачон келади?» деб сизга савол беришади. Қасам билан бунинг ҳақлигини билдирингки, уларнинг парча-парча титилиб ва тупроқларга аралашиб кетган жасадларию аъзоларини тўплаб, тирилтириш ҳамда улардан ҳисоб сўраш, мушрик ва кофирларга қилмишларига яраша жазо сифатида дўзахга ташлаш Аллоҳ таолога ниҳоятда осон ишдир. Қиёмат куни бундай аҳволни кўрган золимлар Ер юзидаги бутун мол-бойлик ўзларида бўлсаю, шунинг барини бериб бўлса ҳам бу азобдан қутулишни истаб қолишади. Аммо энди кеч, уларнинг қон йиғлаб қилган афсус-надоматлари асло фойда бермайди. Барчаларига адолат билан ҳукм ўқилади, бирор жонга зулм қилинмайди.
55. Огоҳ бўлинглар, осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир! Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, лекин кўпчилик буни билмайди.
Яъни, эй инсонлар, огоҳ бўлингларки, осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир! Шунинг учун унинг азобидан қутилиб кетаман деб хомтама бўлманг, осмонга учиб қочмоқчи бўлсангиз, осмонларнинг ягона эгаси Аллоҳдир! Ер қаърига кириб яширинаман десангиз, Ернинг ҳам ягона хожаси Аллоҳдир! Эй инсонлар, огоҳ бўлингларки, Аллоҳнинг бандаларининг дунё ҳаётидаги барча қилмишларини ҳисоб-китоб қилиши, гуноҳкорларни жазолаши, мўминларни мукофотлаши ҳам ҳақдир. Лекин кўпчилик буни билмайди, билса ҳам ишонмай, азиз умрини куфр ва ширк балосига мубтало ҳолда, дунё ҳаётининг арзимас матоҳлари учун қурбон қилиб юрибди. Банданинг кўзи юмилиши билан унинг учун қиёматнинг бошланганидир. Шундай бўлгач, ғафлат уйқусидан кўзни очинг, умрингизни солиҳ амаллар, эзгу ишлар билан безанг, охиратингизга тайёргарлик кўришга шошилинг!
56. У тирилтиради ва ўлдиради, Унгагина қайтариласизлар.
Аллоҳ таоло бир томчи нутфа ҳолингизда сизга жон киритиб, дунёга келтиради. Сўнгра Яна жонингизни олиб, вафот эттиради. Қиёмат куни яна тирилтириб, амалларингизга кўра мукофот ёки жазо беради. Барча инсонлар албатта Унинг ҳузурига қайтариладилар. Аллоҳ таоло айтади: “У тирилтирадиган ва ўлдирадиган Зотдир. Кеча ва кундузнинг ўзгариб туриши ҳам Унга (боғлиқ)дир. Ахир, ақл юрғизмайсизларми?” (Муъминун, 80).
57. Эй инсонлар, Парвардигорингиздан сизларга насиҳат, дилингиздагиларга шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди.
Яъни, Қуръони карим инсонларга мутлоқ ваъз-насиҳатдир, уларнинг ахлоқлари ва ҳаётларига зарарли ҳамма нарсадан қайтарувчи илоҳий кўрсатмадир. У инсонларнинг дилларидаги ширк, адоват, ёвузлик каби иллатларга шифодир. У барчага Аллоҳ таоло розилигини топиш йўлларини кўрсатади ва мазкур Китобга амал қилувчиларни илоҳий раҳматга эриштиради.
58. (Эй Муҳаммад): «Мўминлар Унинг фазли ва раҳматидан севинишсин, бу уларнинг барча ишларидан яхшидир!» денг.
Ибн Аббос розиаллоҳу анҳумо, Ҳасан Басрий ва Қатода роҳимаҳумуллоҳ оятдаги Аллоҳ таолонинг фазлини Ислом дини, Унинг раҳматини эса Қуръони карим, деб тафсир қилишган. Мўмин-мусулмонлар бу икки илоҳий неъматдан ҳар қанча хушнуд бўлишса, қувонишса арзийди. Чунки булар инсонларнинг дунёда тўплаган ва эришган ҳамма нарсаларидан, барча яхши ишларидан аълодир. Ҳадиси шарифда айтиладики, кимга Аллоҳ таоло Ислом дини ва Қуръон илмини насиб этган бўлсаю, у “камбағалман” деб нолиса, Аллоҳ то қиёмат кунигача унинг пешонасига фақирлик тамғасини босиб қўяди.
59. «Айтинглар-чи, Аллоҳ сизларга берган ризқни нега ҳалол ва ҳаром қилиб олдинглар?» денг. «Аллоҳ сизларга рухсат бердими ё Аллоҳга бўҳтон қиляпсизларми?» денг.
Жоҳилият замонидаги арабларда турли бут ва санамларга жонлиқ аташ ва уларни ҳар хил номлар билан аташ урф бўлган эди. Улар туя ва қўйларнинг кетма-кет урғочи ёки эгизак туғишига қараб, уларни соиба, васила, ҳомм каби номлар билан аташар, уларни минмай ёки сутини ичмай бутларга атаб ўз ҳолига қўйиб юборишар эди. Масалан, беш марта кетма-кет эгизак урғочи қўзи туққан қўйнинг кейинги туққан боласи эркакларгагина ҳалол бўлган ва аёллар учун ҳаром саналган. Аллоҳ таоло Ўзи ҳалол қилган нарсаларни ҳаромга чиқариш каби жоҳилият одатларини бекор қилди. Чунки бир нарсани ҳалол ёки ҳаромга чиқариш Аллоҳ таолонинг ҳаққидир. Унинг изнисиз берилган ризқни ҳалол ва ҳаром қилиш улкан бир зулмдир, илоҳий ҳукмни инкор этишдир, Аллоҳ таоло шаънига буюк бўҳтондир.
60. Аллоҳга бўҳтон қилаётганлар Қиёмат куни ҳақида қандай гумонга боришади? Аллоҳ инсонларга ўта марҳаматлидир, аммо кўплар буни билишмайди.
Аллоҳ таоло Ўзининг буюк фазли ва марҳамати билан гуноҳкор бандаларга гуноҳдан қайтиб, тавба қилишлари учун узоқ муҳлат бериб қўйди, хатоларини кечирди. Лекин уларнинг кўпи бу илоҳий карам ва мағфиратни қабул қилмай, ҳаддан ошаверди, гуноҳ устига гуноҳ қилаверди. Охирги маҳалда афсус-надоматлар бефойда: уларга қилмишлари учун қаттиқ азоблар тайёрлаб қўйилган.
61. (Эй Муҳаммад), қандай машғулотда бўлманг, Қуръондан нима ўқиманг, (эй инсонлар), нима иш қилманглар, Биз бунга киришган пайтингизданоқ хабардормиз. На ерда, на осмонда зарра миқдорича, ҳатто ундан каттароқ ёки кичикроқ бирор нарса Парвардигорингиздан яширин эмас, бари очиқ-ойдин Китобда битиб қўйилган.
Аллоҳ таоло барча инсонларнинг ягона яратувчиси бўлганидан кейин уларнинг барча ошкора ва пинҳона ишларидан, барча қилмишларидан Парвардигор хабардордир. Ундан ҳеч нарса яширин эмас. У бандаларининг дилидан ўтган, хаёлига келган нарсаларгача яхши билувчидир. Бу нарсаларнинг бари Лавҳул Маҳфузда битиб қўйилгандир. Ояти каримадаги «китабим-мубин» (очиқ-ойдин Китоб)дан мурод, Лавҳул Маҳфуздир. Аҳли суннат вал жамоа ақидасига кўра Лавҳул Маҳфуз ва Қалам ҳақдир. «Таҳовий ақидаси» шарҳида: «Лаҳв ва Қаламга, унга чизилган жамики нарсага имон келтирамиз», дейилган. Лавҳдан мурод, Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдирларини ёзган нарсадир. Қаламдан мурод, Аллоҳ таоло яратган ва у билан мазкур Лаҳвга қадарларни ёзган Қаламдир.
62. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг дўстларига хавф ҳам бўлмайди, ғам ҳам чекишмайди.
“Аллоҳнинг дўстлари” (Валийуллоҳ) Аллоҳга қурбат ҳосил қилиб, Унинг йўлида собит турувчи саодатманд инсонлардир. “Валий” (кўплиги авлиё) сўзи ҳам луғатда “яқин бўлди” маъносини англатади. Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Авлиёуллоҳ ким?” деб сўрашганида Фахри коинот (алайҳиссалом): “Ҳақ жалла ва аълонинг дўстлари шундай кишиларки, уларни кўрганингизда Аллоҳ таолони зикр қилиш хотирга келади”, деганлар. Хожа Муҳаммад Ҳаким ат-Термизий (қуддиса сирруҳу) бир китобларида шундай деб ёзганлар: “Валийнинг қалби илоҳий жамол нурларининг маъдани, илоҳий кибриё ҳайбати ва қурбият ойдинлигидир. Юзида порлаган нур ва латофат валийнинг қалбидан (чиқиб келиб кўриниш берур). Бу ҳолда мўмин банданинг қалби у гўзал ҳаётнинг нури ила тирик бўлувчидир”. Буюк мутасаввиф Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Салим Басрийдан “Валийларни қандай таниш мумкин?” деб сўрашганида, у киши: “Тили ширинлиги ва дилкаш суҳбати, ахлоқининг гўзаллиги, чеҳрасидаги доимий табассум, жўмард-сахийлиги, эътирози камлиги, узр сўрай ва узрларни қабул қила олиши, яхши-ёмон бўлсин, барча инсонларга, барча махлуқотларга раҳм-шафқати билан бошқалардан ажралиб туриши орқали” деб жавоб берганлар. Аллоҳ таоло ваъда беряптики, бундай дўстларимга қиёматнинг таҳликали соатларида ҳеч қандай хавф-хатар ҳам бўлмайди, улар азият чекиб, ғамгин ҳам бўлишмайди.
63. Улар имонли ва тақволилардир.
Алоҳнинг валийлари (дўстлари) бундайин улуғ саодатга ўзларининг комил имонлари, Аллоҳдан ўта қўрқувлари, яъни тақволари билан мушарраф бўлишган. Валийларнинг биринчи ва энг муҳим хусусиятларидан бири шуки, улар барча аҳдларида, хоссатан Аллоҳ ва Унинг Расулига берган аҳдларида собитқадам туришади. Кундалик юриш-туриш, кийиниш, таомланиш, тоат-ибодат каби барча дунёвий ва диний ишларда шариат меъёрларига риоя қилиб яшашади, ҳар бир амаллари, хайрли ишларини фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилишади, имонда, тақвода бошқа инсонларга ҳамиша ўрнак кўрсатишади. Қуръони карим назарида имондан кейин энг кўп асос тутиладиган нарса тақво ва солиҳ амалдир. Имом Раббоний айтганларидек, “Ёмонликлардан қочиш яхшиликлар қозонишдан ҳар доим устун бўлиб келганини ҳисобга олсак, бузуқликлар ва чиркинликлар, жозибали ҳаваслар авжига чиққан ҳозирги замонда тақво, яъни бузуқ ишлардан қочиш ва улкан гуноҳларни тарк этиш асосларнинг асосидир”.
64. Уларга дунё ва охират ҳаётида хушхабар бор. Аллоҳнинг ваъдаси ўзгармасдир. Бу ҳақиқатан олий саодатдир.
Оламлар саййиди Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ҳар бир машғулотлари, дунёдаги барча инсонларнинг кайфиятлари, у зотга дўстларнинг муносабатларию душманларнинг кирдикорлари – ҳамма нарса Парвардигорга яхши маълумдир. Ундан зарра мисолича ҳам нарса пинҳон қолмайди. Чунки бу нарсалар ҳали башар насли яратилмасидан туриб Лавҳул-Маҳфузга битиб қўйилган. Аллоҳнинг дўстларига Қиёмат куни ҳисоб-китоб пайтида ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, улар ғам-ташвиш ҳам чекишмайди. Чунки улар дунёдан имон ва тақво билан ўтишган, Аллоҳ таоло уларга дунё ҳаётида ҳам, охират оламида ҳам олий мукофотлар ваъда қилган. У ваъдасини асло ўзгартирмайди. Мўминлар учун бундан ортиқ бахт-саодат бормикин?!
Миср аҳлидан бир киши айтади: “Абу Дардодан “Уларга дунё ҳаётида ва охиратда хушхабар бор” ояти ҳақида сўрадим. “Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганимдан буён мендан ҳеч ким сўрамаган эди. У зот менга: “Менга нозил бўлганидан буён бу ҳақда ҳеч ким сўрамаган эди. У мусулмон кўрадиган ёки унга кўринадиган солиҳ тушдир”, дедилар” (Имом Термизий ва Ҳоким ривояти).
65. (Эй Муҳаммад), уларнинг гапи сизни хафа қилмасин, ҳақиқатда бутун қудрат Аллоҳникидир. У эшитувчи ва билувчидир.
Кофирларнинг «Пайғамбар эмассан», деган иддаолари сизни хафа қилмасин. Парвардигорингиз ҳамма нарсадан ва ҳар кимсадан қудратлидир. Аллоҳ таоло сизга ёрдам ва таскин бергани ҳолда, маломат ва инкор этувчиларни расво қилади. Чунки У ҳамманинг сўзларини эшитиб, нима қилмоқчилигини билиб турувчи қудратли Зотдир.
66. Огоҳ бўлинглар, осмонлару Ердаги жонзотлар Аллоҳникидир. Аллоҳдан ўзга шерикларга сиғинаётганлар нимага суянишяпти? Фақат гумонга суянишади ва фақат тахмин қилишади, холос!
Осмонлардаги ва Ердаги барча махлуқотлар, яъни инсонлар, фаришталар ва жинларни Аллоҳ таоло яратган бўлса-да, Аллоҳга шерик қилаётган бут-санамларига сиғиниб юрган мушрикларнинг қандай далиллари бўлиши мумкин? Улар фақат ўзларича гумонга бориб, тахминларга қул бўлиб адашиб юришибди. Аллоҳ таолонинг динигина ҳақдир, ёлғон мазҳаб ва ақидалар эргашишга, итоат қилишга лойиқ эмасдир.
67. Ором олишингиз учун кечани, кўришингиз учун кундузни яратган Аллоҳдир. Бунда уқадиган кишилар учун далил бордир.
Инсонларнинг ором олиши учун кечани, атрофни кўриб, тирикчилигини қилиш учун кундузни яратиб қўйган ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир, бунда Унга ҳеч ким шерик бўлолмайди. Ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг: Аллоҳ таоло кеча ва кундузларнинг ўрнини алмаштириб юборса ёки бирини йўқотиб, ўрнига бошқасини ҳоким қилиб қўйса, инсонларнинг ҳоли не кечган бўларди? Бу ҳолатда эрталабдан кечгача тиним билмай ишлаган, кеч бўлишини орзиқиб кутаётган одамнинг қай аҳволга тушишини тасаввур қилиб олаверинг. Ёки сира тонг отмаса, ҳамиша зулмат ҳукмрон бўлса, бунда ҳам инсонлар жуда қийин аҳволга тушиб қолишади. Кеча ва кундуз ҳам Аллоҳнинг энг улуғ неъматларидан эканини инсонлар яхши англаб етишлари учун Қуръони карим уларнинг зеҳни ва диққатига шундай мурожаат қилмоқда. Бундан аён бўлиб турибдики, барча неъматларни, ҳамма яхшиликлар ва ёмонликларни яратувчи ҳам фақат Аллоҳдир. Демак, мушрик ва мажусийларнинг ақидалари ғирт ёлғондир.
68. «Аллоҳнинг фарзанди бор», дейишади. У бундан пок ва беҳожатдир! Осмонлар ва Ердаги барча жонзот Уникидир! Бунга ҳеч қандай далилларинг йўқ-ку! Аллоҳ ҳақида билмай гапираверасизларми?
Насронийларнинг бир тоифаси Исо алайҳиссаломнинг Худонинг ўғли, деб эътиқод қилади. Бу буюк ва қудратли Аллоҳ таолога нисбатан улкан туҳмат ва бўҳтондир. Ахир, Аллоҳ таолонинг қандай қилиб фарзанди бўлсин? У Зот бутун махлуқотларни, жумладан инсонларни яратган, бутун борлиқ ва коинотни барпо қилган ягона илоҳ бўлсаю, Унинг фарзандга ёки бошқа бирор нарсага эҳтиёжи бўлармиди! У бундай нарсалардан пок ва беҳожатдир! Насронийларнинг бунга ҳеч қандай асослари, далил-ҳужжатлари бўлмагани ҳолда икки минг йилдан буён ана шу бузуқ эътиқодда бўлиб келишяпти. Бундан бир неча йил муқаддам Исломни қабул қилган россиялик дин ва жамоат арбоби Али Вячеслав Полосин “Аллоҳга элтувчи тўғри йўл” китобида шундай ёзади: “Қайд этиш керак, бутун империя ҳудудида дин ўлароқ насороликни жорий этган Рим императори Константиннинг ўзи Митрага (мажусийлар бути) сиғинувчи мажуслигича қолган эди. Ўлимидан олдингина “чўмилтирилди”, яъни насороликни қабул қилди. Тўртинчи аср насронийлари дунёвий ҳукмдорлик берадиган имтиёзлар жилвасига дош бера олишмади ва Исо алайҳиссалом таълимотига мажусийларнинг одат-маросимларини ҳам аралаштириб юборишди. Натижада бешинчи асрга келиб дин таълимотида сифат ўзгаришлари рўй берди: масалан, “Худонинг онаси”, “Муқаддас Учлик” ва ҳоказо ҳақидаги ақидалар пайдо бўлди”.
69. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳга туҳмат қилувчилар асло нажот топишмайди», денг.
Насронийлар Исо алайҳиссаломни Худонинг ўғли, деган ақидага боришади. Аллоҳ таоло бундай ишлардан покдир, Унинг бунга эҳтиёжи ҳам йўқ. Еру осмонлардаги ҳамма нарсани яратишга қодир Зот буюк Аллоҳнинг на фарзандга, на хотинга, на вазирга, на ходимга эҳтиёжи бўлмайди. Бундай нарсаларни Аллоҳ таолога нисбат бериб, Унга туҳмат қилувчилар ҳаргиз нажот топишмайди. Аллоҳнинг дини битта, ақида ва шариати битта, У Ўзи яратган махлуқларидан олий, яратиш ва бошқаришда Унинг ҳеч қандай шериги, тенги йўқдир. Ваҳий эгаси ҳам қодир Аллоҳнинг Ўзидир, одам эса Унинг хоҳиш-иродасини бажариш қуроли, асбобидир! Яна юқорида тилга олинган олим Полосиннинг китобидан бир иқтибос келтириб ўтиш ўринлидир: ”Яҳудийларнинг пайғамбарлик китоблари доирасига бир-бирига зид тарихий йилномалар, қаёқдан келгани номаълум китоблар кириб қолган... Насронийликда ҳам шу: Исо ҳаёти ҳақида узуқ-юлуқ маълумотлар ҳамда оғиздан-оғизга ўтиб, айтилган замонидан кўп йиллар кейин кўпроқ бошқа одамлардан ёзиб олинган айрим насиҳатларгина сақланиб қолган”.
70. Дунё неъматларидан бироз баҳраланишадию, кейин Бизга қайтишлари бор. Ўшанда куфрлари учун уларга қаттиқ азоб тоттириб қўямиз.
Инсонларга дунё ҳаётида берилган муҳлат жуда ҳам қисқа. Улар олтмиш-етмиш, борингки, саксон йил умргузаронлик қилишадию бир куни белгиланган ажаллари етиб, яратган Парвардигорлари ҳузурига риҳлат қилишади. Мўмин ва тақволи зотлар ана шу қисқагина умрни охиратларига тайёргарлик кўриш, Аллоҳ розилигини топиш учун солиҳ амаллар қилишга сарфлайдилар. Аммо осий ва фожир кимсалар охират дунёсига, қиёматга ишонмаганлари боис дунё ҳаётида кўпроқ ўйин-кулги ва кўнгилхушлик қилишга, лаззатларга ғарқ бўлишга, фаровон яшашга, гуноҳ ишлар билан машғул бўлишга интилишади. Аммо улар билишмайдики, қанча умр кўришмасин, барибир Парвардигорлари ҳузурига қайтишади, қилмишлари эвазига қаттиқ азобни тотишларига тўғри келади.
71. (Эй Муҳаммад), уларга Нуҳ воқеасини айтиб беринг. У қавмига айтди: «Эй қавмим, агар орангизда туришим ва Аллоҳ оятларини эслатаётганим сизларга оғир келаётган бўлса, Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилдим. Маъбудларингиз билан бирлашиб, билганларингизни қилаверинглар. Мақсадларингизни яшириб ё вақтини кутиб ўтирмай, менга чора кўраверинглар;
Нуҳ алайҳиссалом қавмини 950 йил Аллоҳ тавҳидига чорлаб, бут-санамларга ишонмасликка чақирган эди. Аммо саркаш қавми шунда ҳам тўғри йўлга юришни истамади. Шунда Нуҳ алайҳиссалом уларга қарата: «Эй қавмим, агар ораларингда узоқ вақт турганим, Аллоҳнинг кўрсатмаларини тинмай эслатганим сизларга малол келаётган бўлса, унга Аллоҳ таолонинг Ўзигагина суяндим. Энди ўзларингиз сиғинаётган ўша маъбудларингиз, яъни бут-санамларингизни ҳам тўплаб, бир қарорга келинглар. Менга қўлламоқчи бўлаётган ҳукмларингини яшириб ҳам ўтирманглар, менга муҳлат ҳам берманглар. Натижа нима билан тугашини кутаверинглар.
72. Аммо нега юз ўгиряпсизлар, ахир сизлардан ҳақ сўрамадим-ку! Менинг мукофотим Аллоҳдандир. Унгагина бўйсунишга буюрилганман».
Нуҳ алайҳиссалом итоатсиз қавмига қарата: “Нега мендан юз ўгириб кетяпсизлар? Ахир, даъватларим учун сизлардан ҳақ ҳам сўрамадим-ку! Ишларимнинг мукофотини мени сизларга юборган ёлғиз Парвардигоримдан кутаман”, дейди. Жоҳил қавм Аллоҳнинг пайғамбарига қилган итоатсизликлари ва исёнлари келгусида қанчалар қимматга тушишини англамагани учун пайғамбарнинг бу қизғин даъватларига қулоқ солмади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ айтган эди: “Аллоҳдан қўрқмайсизми? Албатта мен сизларга юборилган ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат этинг! Мен сизлардан бу (даъватим) учун мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим оламлар Парвардигорининггина зиммасидадир. Бас Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат этингиз!”. Улар айтишди: “Сенга фақир одамлар эргашгандан кейин биз сенга имон келтирармидик?!” (Шуаро, 106-111).
73. Лекин уни ёлғончига чиқаришгач, Биз уни ва у билан кемада бўлганларни қутқариб, ерда ўринбосарлар қилдик. Оятларимизни ёлғонга чиқарганларнинг барини эса ғарқ қилдик. Огоҳлантирилганларнинг оқибати не бўлганини бир кўринг!
Нодон қавм шунча панду насиҳатларни эшитиб ҳам, ўнгланмади. Азоб ва жазолардан қанча огоҳлантирилганига қарамай, осийликда давом этаверди. Бунинг устига Нуҳ алайҳиссаломни ёлғончига чиқариб, хўрлади. Шунда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом ва у кишининг имон келтирган жамоаларини паноҳида асраб қолиб, қолган мушриклар устига тўфон балосини юборди ва ҳаммаларини сувга ғарқ қилди. Уларнинг ўрнига эса имон келтирувчи қавмлар келиб ўрнашишди. “Тўфон” луғатда «сув тошқини» маъносида келган. Истилоҳда пайғамбар Нуҳ алайҳиссалом даврида осий қавмни жазолаш учун Аллоҳ таоло томонидан жазо сифатида юборилган улкан сув тошқини «тўфон» дейилган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган. Нуҳ алайҳиссалом қавмини Аллоҳнинг ягоналигини, ўзининг пайғамбарлигини тасдиқлашга, итоатсиз бўлмасликка, сохта маъбудларга сиғинмасликка даъват қилди. Лекин қавми уни масхара қилиб, ҳаддан ошаверди. Оқибатда Аллоҳнинг ғазабига – тўфон балосига мубтало бўлди. Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳнинг амри билан улкан кема ясаб, оила аъзоларини, барча жониворлардан бир жуфтданини қутқариб қолади, қолганлар тўфонда ҳалок бўлади. Нуҳ кемасининг Жудий тоғида қолгани тарих китобларида ёзилган.
Қуръони карим ўтган миллатларнинг ҳаётларидаги энг муҳим ибратли воқеалардан мисоллар келтириш, уларнинг қиссаларини баён этиш орқали фақат диний ва ахлоқий жиҳатдан тўғри бўлган ва соғлом асосларга қурилган жамиятлардагина турмуш гўзал бўлишини таъкидлайди.
74. Ундан кейин ҳам қавмларга пайғамбарларни юбордик. Улар очиқ-ойдин далиллар билан келишса-да, қавмлари олдин ёлғонга чиқарганларига ишона олишмади. Бузғунчиларнинг дилини ана шундай муҳрлаб қўямиз.
Нуҳ алайҳиссаломдан кейин Аллоҳ таоло инсониятга жуда кўп пайғамбарларни юборди. Уларнинг вазифаси куфр ва ширкка мубтало бўлган инсонларни Аллоҳнинг тавҳидига чақириш, исён ва куфрга борувчиларни Аллоҳнинг дунё ва охиртадаги азоб-балоларидан огоҳлантириш эди. Нуҳ алайҳиссаломдан сўнг Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут каби пайғамбарлар юборилди. Аммо улар юборилган қавмлар ҳам Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилишгач, Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабига учраб ҳалок бўлишди. Худди ўшалар каби Макка мушриклари ҳам Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқаришни, Пайғамбарига итоатсизлик қилишни тўхтатишсин, акс ҳолда уларнинг бошига ҳам ҳалок бўлиб кетган қавмларнинг қисмати тушади.
75. Шундан кейин Мусо билан Ҳорунни далилларимиз билан Фиръавн ҳамда аъёнларига юбордик. Шунда улар кибрга боришди ва гуноҳкор бўлишди.
Яъни, Биз аввал ўтган пайғамбарлардан сўнг Мусо ва Ҳорунни ваҳдониятимиз ҳамда қудратимизга далолат қилувчи мўъжизаларимиз билан қавмига юбордик ва уларга “Мен сизларнинг улуғ раббингизман” деб айтган Фиръавн ва унинг аъёнларини тўғри йўлга даъват қилишни буюрдик. Аммо улар пайғамбарларимизнинг даъватларига қулоқ солишмади, Ҳақ йўлга юришмади ва алал-оқибат уларни ёппасига денгизга ғарқ этиб, ҳалок қилиб юбордик. Бу нодон кимсалар Аллоҳга тоат этишдан бўйин товлади, мутакаббирлик қилди, ўзларига маҳлиё бўлиб, ҳавои нафсига эргашди. Шунингдек, уларнинг одати энг оғир гуноҳларни содир этиш ва фисқу фужур эди. Бундай кимсаларнинг жойи албатта дўзахдадир.
76. Уларга Биздан ҳақ келганида: «Бу аниқ сеҳрдир», дейишди.
Мусо алайҳиссалом ҳақ мўъжизаларни келтирганида фиръавнийлар ношудларча буларга ишонишмади. “Эй Мусо, сен келтирган нарсаларнинг сеҳр экани шубҳасиз. Шу сабабли сен кўрсатаётган нарсалар ҳатто ўйлаб кўришга ҳам арзимайди”, деб инкор қилишди. Агар қалб қотиб, нафс бузилса, улар наздида ҳақиқат ботил ва ёлғон нарсаларга айланиб қолади. Инсониятнинг бутун тарихи мобайнида қанчалаб инсонлар ана шундай қалб кўрлиги, нафснинг ҳавоси, кибр ва ҳасаднинг устун келиши оқибатида Аллоҳнинг илоҳий амрларидан бўйин товлаб келди, ҳақиқатни тан олишни истамади, Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқаришдан, уларни инкор этишдан ҳам уялмади. Оқибати эса жуда аянчли бўлди: қанчалаб итоатсиз қавмлар Аллоҳнинг ғазабига учраб, бир лаҳзада ҳалокатга учради. Уларнинг охиратдаги аҳволи бундан ҳам шармандали бўлади: улар мангу азоб ва қийноқ жойи бўлмиш дўзахдан абадий жой олади.
77. Мусо: «Сизларга ҳақ далил келса, шундай дейсизларми? Бу қандай сеҳр бўлсин, ахир сеҳргарлар нажот топишмайди», деди.
Мусо алайҳиссалом уларнинг уйдирма-бўҳтонларига жавобан бундай деди: “Сизлар кўриб турган нарса сеҳрдан йироқ бўлса-да, нега бу очиқ сеҳр, дейсизлар. Сизларда ақл, фаросат борми ўзи? Кўринглар, фикр юритинглар, кўзингиз кўриб турган, ақлингиз етиб турган чин нарсаларни сеҳр деб атаб ҳавои нафсингизнинг сўзига кирманг, ҳақиқатдан юз ўгирманг”. Гуноҳкор ва саркаш кимсалар ҳақиқатни танишда кўр бўлишади, пайғамбардек зотларни сеҳргар ва ёлғончига чиқаришади. Улар мўъжиза кўрсатишса ҳам, бу аниқ сеҳрнинг ўзгинаси, деб кўзларини «лўқ» қилиб туришаверади. Билмайдиларки, сеҳр ҳеч қачон ғалаба қозонмайди, мўъжиза эса ҳамиша зафар қучиб келган.
78. Улар: «Ота-боболаримиз тутган нарсадан бизларни қайтариш ва икковлон бу ерда хўжайинликни эгаллаш учун келдингми? Лекин сизларга ҳеч қачон ишонмаймиз», дейишди.
Нодон ва жоҳил қавм Мусо алайҳиссаломнинг қизғин чақириқларига қўшилиш ва Ҳақ йўлга юриш ўрнига фиръавнийлар Аллоҳнинг пайғамбарини маломатга тута бошлашди: “Эй Мусо, сен олиб келган нарсанг билан бизларни кўп асрлардан буён ота-боболаримиз эътиқод қилиб келаётган диндан қайтармоқчимисан? Биродаринг Ҳорун икковингиз Миср ерига эгалик қилиб, салтанат, устунлик ва дунёнинг бахт-саодатига эришмоқчимисизлар? Кўп хомтама бўлмай қўяқол, барибир сенга ишонмаймиз. Агар шундай қилсак, асрлар оша сиғиниб келаётган динимизни оёқ ости қилган бўламиз, устига-устак, мол-мулкимиз, мансабларимиздан ҳам ажараймиз. Бундай кўнгилсиз оқибатнинг бизга нима кераги бор? Йўқ, зинҳор-зинҳор сенга эргашмаймиз!” Қавм томонидан айтилган куракда турмайдиган бу сўзлар янгилик ҳам эмас, биринчи бор айтилаётган ҳам эмас эди. Илгарилари ҳам жуда кўп пайғамбарларнинг қавмлари ҳам худди шу каби баҳоналарни рўкач қилиб, ҳидоятдан мосуво ҳолда ўтишган эди, бундан кейинги қавмлар ҳам уларнинг хатосини такрорлашдан омонда қолишмайди.
79. Фиръавн: «Энг кучли сеҳргарларни бошлаб келинглар», деди.
Мусо алайҳиссалом келтирган мўъжизаларни кўриб-билиб туриб ҳам Фиръавн ва унинг аъёнлари тавҳидга келишмади. Қанчалик даҳшатга тушишмасин, ўзларини йўқотиб қўймай, Мусони сеҳргарга чиқаришдан бошқа илож топмади. Агар у сеҳргар экан, бизнинг сеҳргарларимиз билан бир беллашиб кўрсин, деган ниятда мамлакатдаги энг кучли сеҳргар ва коҳинларни тўплашга буйруқ берди. Мусо алайҳиссалом кўрсатган нарсаларни очиқдан-очиқ сеҳр санаб, сеҳрга қарши сеҳр билан жавоб қайтармоқчи бўлди.
80. Улар келганида Мусо: «Нимангиз бўлса, кўрсатинглар!» деди.
Мамлакатнинг ҳамма жойидан энг машҳур ва кучли сеҳргарлар Фиръавн саройида тўпланишди. Муфассирлар сеҳргарларнинг сони борасида турли фикрларни билдиришган. Баъзилари “Улар етмиш иккита бўлган”, дейишса, бошқалари уларнинг сони бундан ҳам зиёда бўлганини зикр этишган. Мусо алайҳиссалом уларга қарата: “Қўлларингдан нима ҳунар келса, қани кўрсатинглар-чи!” дейди. Улар эса “Эй Мусо, ё сен ташла ёки биз ташлаймиз”, дейишади. Яъни, сеҳргарлар бу сўзлари билан гўё ушбу икки ҳолатда ҳам барибир биз устун бўлиб чиқамиз, сен эй Мусо, олдиндан бизларга таслим бўлиб қўяқол, демоқчи бўлишди. Лекин Мусо алайҳиссалом улардан аввал ўзлари ташлашни талаб қилди. Мақсад, уларнинг таҳдид ва пўписаларидан чўчимаганини билдириш эди, чунки Мусо алайҳиссалом суянган асос жуда кучли эди.
81. Улар кўрсатишганида, Мусо: «Қилганларингиз сеҳр холос, Аллоҳ албатта уни йўққа чиқаради, чунки Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини асло ўнгламайди;
Фиръавннинг сеҳргарлари қўлларидаги арқон ва асоларини ерга ташлашган эди, улар катта-кичик илонларга айланди. Аслида бу нарса шунчаки макр ва ҳийла эди, сеҳргарлар шу йўл билан одамларнинг кўзини сеҳрлаб, уларни қўрқув ва даҳшатга солишмоқчи эди. Ривоят қилинишича, сеҳргарлар қўлларидаги нарсаларни ташлаганида бутун бошли водийни тўлдирадиган даражада ҳаммаёқни илон босиб кетган экан. Бошқа ривоятларда эса: “Улар арқон ва чўпларини турли рангга бўяб, худди ҳаракат қилаётганга ўхшатиб қўйишган”, дейилади. Мусо алайҳиссалом уларнинг бу найрангидан асло чўчимади, комил ишонч билан “Аллоҳ уларнинг бу ҳийласини йўққа чиқаради, чунки У зот бузғунчиларнинг ишини асло ўнгламайди”, деди.
82. гарчи гуноҳкорлар ёқтирмаса-да, Аллоҳ Ўз ваъдасига биноан ҳақиқатни рўёбга чиқаради», деди.
Сеҳргарларнинг зафар тантанаси узоққ бормади, буюк Парвардигорининг энг кучли мўъжизаси билан қуролланган Мусо алайҳиссалом кўрсатган намойиш олдида ҳатто сеҳргарлар ҳам довдираб қолишди. Аллоҳ таоло пайғамбарига “Асойингни ерга ташла!” деб амр қилди. У асоини ерга ташлаши билан у улкан илонга айланиб, сеҳргарларнинг “уйдирма”ларини бирин-кетин юта бошлади. Гуноҳкорлар ёқтирадими ёки йўқми, фиръавнийларга маъқулми ёки маъқул эмасми, Аллоҳ таоло Ўзининг ваъдасига биноан ҳамиша ҳақиқатни мана шундай рўёбга чиқаради, ҳақни ботил устидан, имонни куфр устидан шу тариқа ғолиб, устун қилади.
83. Лекин Фиръавн ва унинг аъёнлари фитна қилишидан қўрқиб, Мусо қавмининг бир зурриёти жамоасидан бошқа ҳеч ким унга ишонмади. Чунки Фиръавн мамлакатда катта ҳокимиятга эга бўлиб, ҳаддидан ошган эди.
Мусо алайҳиссалом қилган ишларга, у кўрсатган мўъжизаларга гувоҳ бўлган қавмнинг бир қисми қалбида имон нурлари жилва қилди. Улар Мусонинг ҳақ пайғамбар эканини тан олиб, Аллоҳга таслим бўлганлик белгиси сифатида сажда қилишга тушди. Аммо Фиръавн ва унинг аъёнлари, шунингдек, Мусо алайҳиссалом қавмининг каттагина қисми Фиръавннинг зулми ва ваҳшатидан қўрқиб, пайғамбарга эргашмади, унга ишонмади. Салтанат, шуҳрат ва бойлик Фиръавннинг бошини шунчалик айлантириб қўйган эдики, у ҳаддидан ошиб, Худолик даъвосини қилишгача бориб етган эди. Бу эса унга эргашганлардан кўпчиликнинг ҳақ йўлни топишда адашишига сабаб бўлди.
Ояти каримадаги “бир зурриёти жамоаси” деб таржима қилинган “зурриятун” сўзидан мурод, оталари ва бой кишилар имон келтиришдан бош тортгач, Мусо алайҳиссаломга имон келтирган оз сонли ғариб йигитлардир. Уларнинг кимлар экани ҳақида Абул Баракот Насафий, Хозин ва Бағавий тафсирларида шундай фикр билдирилган: “Улар Исроил қавмидан, яъни Бани Исроилдан, Фиръавн қатл этганлардан омонда қолганлари ва улғайгач, мўъжизаларни кўриб, имон келтирганларидир. Ёки Фиръавн зурриёти, яъни унинг хотини Осиё, лашкарбошиси, хазинабони ва унинг хотини ҳамда пардозчи аёл. Уларни “зурриёт” деб аталишининг сабаби – уларнинг оталари қибтий, оналари Исроил авлодидан эди. Фарзанд ўша пайтларда она ва тоғалар наслига мансуб бўлар эди”.
84. Мусо: «Қавмим, агар Аллоҳга имон келтириб, итоатда бўлсангизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар», деди.
Мусо алайҳиссаломга имон келтирган кишиларнинг сони гарчи оз бўлса-да, Мусо алайҳиссалом уларни сабр-бардошли бўлишга чақирар ва тинмай уларга сабот тилар эди. Пайғамбар ўзига эргашган кишиларнинг Фиръавндан қўрқиб-ҳадиксираб турганини кўриб, уларнинг қалбига ишонч ва хотиржамлик солиш мақсадида “Эй қавмим, агар Аллоҳга ҳақиқий имон келтирган бўлсангиз, Унинг Ўзигагина боғланинг, У зотнинг Ўзига таваккул қилинг! Зеро, ким Аллоҳга таваккул қилар экан, Аллоҳ таоло ўша бандани нусрати ва мадади билан қўллайди!” деди.
85. Улар: «Аллоҳгагина таваккул қилдик, Парвардигоро, бизларни бу кофир қавмга алдантириб қўйма;
Мусонинг насиҳатини жон қулоғи билан эшитган мўминлар бунга жавобан шундай дейишди: “Аллоҳнинг Ўзигагина таваккул қилдик, суяндик, Унга боғландик ва барча ишларимизнинг Унинг Ўзига ҳавола қилдик. У Зотга бирор нарсани ёки кимсани шерик қилмаймиз! Эй Парвардигор, бизларни бу золим ва нодон қавмга мафтун қилиб қўйма, алданувчи қилиб қўйма! Улар устимиздан ҳолиб келиб, хоҳлаган қийноқлари билан бизни азоблашмасин!” Бу жавоб уларнинг имонлари ҳақиқий яқийн имон эканидан далолат беради.
86. ва Ўз раҳматинг билан кофирлардан қутқар!» дейишди.
Яъни, биз Сенинг нажот беришинггга муҳтожмиз. Худди машриқ ва мағрибни бир-биридан узоқлаштирганинг каби биз ва золимларнинг орасини ҳам шундай узоқ қилгин! Фиръавн ва унинг одамлари катта ҳокимиятга, бойлик ва имкониятларга эга бўлгани учун Мусонинг қавми қўрқди ва озчиликни истисно қилганда Мусога ишонмади. Қавмдан Аллоҳга имон келтирганлари эса Фиръавннинг фитнага солиши ва алдашидан паноҳ сўраб, Аллоҳга илтижо билан ёлборишди.
87. Биз Мусо ва биродарига: «Мисрда қавмингизга уйлар қуринглар ва уларда қибла белгилаб, ибодат қилинглар ҳамда мўминларга хушхабар беринглар», деб ваҳий юбордик.
Яъни, ўзларингиз жойлашган ўша манзилни намоз ўқиш ва ибодат қилиш учун маскан қилиб олинглар. Зеро, олдинлари Фиръавн сизларнинг бемалол ибодат қилишларингизга йўл бермас эди. Ибодатларнинг энг афзали бўлган намозларингизни ўз вақтида, хушуъ-хузуъ ва ихлос билан адо этинглар! Чунки бундай суратда ўқилган намоз сизларни дунё ва охират ташвишларидан халос қилади. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қавмига Мисрда уйлар қуриб, шу ерда бирмунча вақт яшаб қолишни, уйларда қибласини белгилаб, ибодатда бардавом бўлишни, Аллоҳга имон келтирганларга улуғ мукофотлар ва жаннат хушхабарини беришни буюриб, ваҳий юборди.
88. Мусо: «Парвардигоро, Фиръавн ва унинг аъёнларига бу дунёда мартаба ва мол-дунё бергансан. Парвардигоро, улар шунинг учун бошқаларни Сенинг йўлингдан оздиришяпти. Парвардигоро, уларнинг бойлигини даф этиб, дилларини тошдай қилки, то қаттиқ азобларни тотмагунча имонга келишмасин!», деди.
Мўминларга хушхабар берилиб, уларнинг қалблари хотиржамлик ва сакинат билан масрур бўлди. Аммо Мусо алайҳиссалом ҳамон ташвишда эди. Чунки Фиръавн ва унинг ҳамтовоқлари ҳамон кофирлигича қолган эди. Шунда Мусо алайҳиссалом уларнинг имонга келмаётганидан юраги қисилиб, Парвардигорига шундай хитоб қилди: “Эй Раббим, Сен Фиръавн ва қавмининг кибор кишиларига шу дунёнинг ўзида зоҳирий зийнат, беҳисоб бойлик ва тўкинлик-фаровнлик ато этдинг. Ана шу улкан бойликлар уларнинг қалбини туғёнга солиб, фитнага учратяпти, улар нафсларининг сўзига кириб, кибру ҳаво қилишмоқда ва ҳамон имонга келмай, кофирликда ўтишяпти. Эй Раббим, улар берган неъматларингга шукр қилмаганлари сабабли уларни бу фаровонликдан маҳрум эт! Қалблари тошдек қотган бўлса ҳам уни янада қаттиқлаштиргин, куфрларига куфр қўшгин! Чунки улар аламли азобни кўришмагунча ҳаргиз имон келтиришмайди!”
Ибн Касир айтадилар: “Мусо алайҳиссалом томонидан ушбу дуо Фиръавн ва одамлари Аллоҳ таолони ғазаблантиришгани ва Унинг динини масхара қилишгани сабабли эди. Зеро, бу пайтда Мусо алайҳиссаломга қавмида яхшилик-хайр йўқлиги маълум бўлган эди. Худди шунингдек, Нуҳ алайҳиссалом ҳам қавмига қарши “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин!” (Нуҳ, 26) деб дуо қилган эди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг улар ҳақида қилган дуосини ижобат этди” (“Тафсиру Ибни Касир”, 4-жилд, 228-бет).
89. Шунда У: «Дуоларингиз қабул бўлди, энди қатъият кўрсатинглар ва нодонлар йўлидан юрманглар!» деди.
Ҳазрати Мусо алайҳиссалом узоқ муддат Фиръавн ва унинг халқини имонга чорлади, улуғ мўъжизаларни кўрсатди, таъсирли насиҳатлар қилди. Аммо итоатсиз ва осий қавм буларнинг ҳеч биридан таъсирланмай, инкор ва куфрда давом этаверди. Шунда ночор қолган Мусо алайҳиссалом Парвардигорларига уларни жазолашни сўраб шундай дуо қилди, Ҳорун «омин» деб турди: “Эй Раббим, Сен Фиръавн ва қавмининг кибор кишиларига шу дунёда зоҳирий зийнат, бойлик ва фаровонлик ато этгансан. Ана шу улкан бойликлар уларнинг қалбини заифлаштириб, фитнага соляпти, улар ўз нафсларининг сўзига кириб, кибру ҳаво қилишяпти, бошқаларга зулму ситам ўтказишяпти. Парвардигор уларнинг дуоларини қабул этиб, ҳаддидан ошган ва Бани Исроилга чексиз зулм ўтказган Фиръавн ва унинг лашкарлари таъқибидан қутқарди.
90. Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказдик. Фиръавн лашкарлари билан ҳаддан ошган ва зулм қилган ҳолда қувиб келиб ғарқ бўла бошлаганида: «Бани Исроил имон келтирган Тангридан ўзга илоҳ йўқлигига мен ҳам ишондим ва Унга бўйсунувчиларданман», деди.
Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолонинг нусратини кутиши узоққа чўзилмади, бундай қийин вазиятда меҳрибон Аллоҳ пайғамбарининг дуосини тезда ижобат қилди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Шунда Биз Мусога: “Асойинг билан денгизни ургин” деб ваҳий юбордик. Шунда у бўлиниб, ҳар бир бўлак (сув) баланд тоғ каби бўлди” (Шуаро, 63). Қулзум денгизининг суви Аллоҳнинг амри билан иккига ажради, Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроил сувдан эсон-омон ўтиб олди. Улар ортидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг аскарлари эса сувга ғарқ бўлди. Фиръавн ўлими олдидан ягона Аллоҳга имон келтирди, лекин Аллоҳнинг иродаси билан Жаброил алайҳиссалом унинг оғзига денгиз лойи билан урдилар ва у имонсиз ҳолида ҳалок бўлди.
Ривоятларга қараганда, Фиръавн ва унинг лашкари ғарқ бўлган сув ҳозирги Қизил денгиз бўлиб, ўша пайтларда Қулзум деб аталган. “Қулзум” сўзи “қол заматун”дан ясалган бўлиб, “ютиб юбориш” маъносини билдиради. Чунки Қулзум денгизи ўзига тушган одамни ютиб юборар ёки чўкиб кетар эди. Ибн Холвайҳ айтади: “Қулзум” аслида “зулқум” шаклида бўлиб, бу сўздаги ҳарфлар ўрни алмашиб кетиб, шу ҳолатга келиб қолган” (Ибн Манзур. “Лисанул араб”, 5-жуз, 3719-бет).
91. «Эндими? Ахир олдин итоатсизлик қилиб, бузғунчилардан бўлган эдинг-ку!» дейилди.
Аллоҳ таоло денгизни иккига ёриб, Бани Исроилни ўртада очилган қуруқликдан ўтказиб юборди ва Ўз паноҳида асраб қолди. Улар изидан қувиб келган золим Фиръавн ва унинг одамларини денгизга ғарқ қилди. Ҳозиргина Бани Исроил омон ўтиб олган денгиз қаърининг яна сувга тўлаётганини кўрган Фиръавн ўзининг ҳалок бўлишига кўзи етиб қолди ва ноиложликдан Аллоҳга имон келтирмоқчи бўлди: “Бани Исроил имон келтирган Илоҳга мен ҳам имон келтирдим, уни тасдиқладим. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига таслим бўлувчи, Унга ихлос билан ибодат қилувчи қавм билан биргаман!”. Аммо унинг бу гаплари бефойда эди, олдин итоатсизлик қилган золимнинг ўлим олдидан, иложсизлик туфайли айтган бу сўзлари бирор манфаат бермас эди. Бемаврид қилинган иш ўз эгасига қайтарилди. Аллоҳ таоло унга жавобан: “Эндими? Ахир олдин итоатсизлик қилиб, бузғунчилардан бўлган эдинг-ку?!” деди.
Ибн Касир ўз тафсирларида айтадилар: “Фиръавн томонидан айтилаётган ушбу сўзлар ғайб сирларидандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда Ўз Расулига билдирган. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Фиръавн “Бани Исроил имон келтирган Зот – Аллоҳгина борлигига имон келтирдим” деганида Жаброил менга “Эй Муҳаммад, Фиръавнга (Аллоҳнинг) раҳмати етиб қолишидан қўрқиб, менинг денгиздаги қора балчиқдан олиб, уни оғзига билдирмай солиб қўйганимни кўрганингизда эди”, деб айтди” (Имом Аҳмад ривояти).
92. Сендан кейингиларга ибрат бўлиши учун бугун жасадингни қутқарамиз. Лекин кўпгина одамлар далилларимиздан ғофилдирлар.
Яъни, айни пайтда имон ҳақида қилаётган даъвойинг рад этилади. Чунки энди вақт ўтди, сен кечикдинг. Биз эса сен вафот этгач, руҳинг танангни тарк этганидан сўнг кейин келадиган инсонларга ибрат бўлишинг учун жасадингни омон қолдирамиз. Токи, улар сени кўриб, Ҳақни ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлишини, Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқлигини билиб олишсин! Бу ҳақда бир неча муфассирларнинг фикрлари бор. Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирида замонасидан саккиз аср ўтиб топиладиган жасад ҳақида шундай ёзилган: “Сени денгиз қирғоғининг бир бурчагига чиқариб ташлаймиз. Жасадингни бутунлай нуқсонсиз, бузилмаган ва кийимсиз ҳолатда, сендан кейин келадиганлар (ибрат олишлари) учун сақлаймиз.
Инсонлар Аллоҳ таолонинг барча ваъдалари каби бу ваъдаси ҳақ эканига бир неча аср ўтиб иқрор бўлишди. Инглиз тадқиқотчилари томонидан Қизил денгиз соҳилларидаги иссиқ қумлар орасидан топилган Фиръавн жасадининг алоҳида хусусияти унинг мўмиёланмаган ҳолда шунча вақтдан бери бузилмай сақланишидир. “Ҳалок бўлган қавмлар” китобида берилган суратдан яққол кўриниб турибдики, Лондондаги Британия музейининг мўмиёлар бўлимида сақланаётган Фиръавн жасади уч минг йил ўтса ҳам териси бузилмаган, унинг сочи ва қошлари, тирноқлари, ҳатто кийимининг парчалари ҳам олдингидай сақланиб қолган. Тадқиқотчилар: “Махсус дорилар сурилган, мўмиёланган жасадлар ҳам маълум вақт ўтиши билан чирийди, аслиятини йўқотади, аммо бу жасаднинг ҳеч қандай парваришсиз ўттиз аср мобайнида бузилмай туришининг ҳикмати нимада?” деб ҳайратда қолишди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг яратиш қудратига далолат қилувчи ёрқин далиллардандир.
93. Биз Бани Исроилни яхши юртга жойлаштирдик ва уларга қулайликларни бердик. Ўзларига илм келганидан кейин эса ихтилофга боришди. Улар тортишаётган нарсалар хусусида Парвардигорингиз қиёмат куни албатта ҳукм чиқаради.
Бани Исроил Фиръавн зулмидан қутқарилганидан кейин Аллоҳ таоло уларни қулай ва баракотли Миср ва Шом ўлкаларига жойлаштирди, унумдор ерлар, ҳалол, покиза ноз-неъматлар, фароғатли ҳаёт ато этди. Маънавий озуқа олишлари учун эса Тавротни туширди. Аммо ўзлари илм аҳли бўлатуриб, яна турли масалалар бўйича баҳс-тортишувларни бошлаб юборишди, гуруҳларга бўлинишди. Энди уларнинг тортишувлари ҳақида Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳукм чиқаради. Яъни имонли бандаларига нажот беради, итоатсиз ва кофирларни эса мангу азоб билан жазолайди. Бу оят Аллоҳ таоло берган неъматларга ношукрлик қилгани учун Бани Исроилга қилинган маломатдир.
94. (Эй Муҳаммад), сизга туширган нарсамизга шубҳа қилаётган бўлсангиз, сиздан олдин Китобни ўқиганлардан сўранг. Ахир, Ҳақ Парвардигорингиздан келди, бас, шак қилувчилардан бўлманг.
Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига хитоб қиляптики, агар нозил қилган ваҳийларимизга кўнглингизда заррача шубҳа пайдо бўлса, сиздан олдин Китобимизни ўқиганлардан сўраб кўринг. Ҳақ (илоҳий ваҳийлар) Парвардигорингиздан келган бўлгач, уларга асло шак-шубҳа қилувчилардан бўлманг.
Юқорида келтирилган ояти карималардан маълум бўляптики, Бани Исроил қавмининг Мусо алайҳиссалом бошчилигида Мисрдан чиқиб кетиши уларга нисбатан бир неъмат – яхшилик эди. Фиръавн ва унинг лашкарлари учун эса бир интиқом бўлди. Зеро, “...улар юртларида ҳадларидан ошиб, у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборишган эди. Шунда Парвардигорингиз уларнинг устига турли азоб-офатни ёғдирди! Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (ҳамма нарсани) кузатиб турувчидир” (Фажр, 11-14)
95. Ёки Аллоҳнинг далилларини ёлғонга чиқарувчилардан бўлманг, ҳалокатга кетувчилардан бўлиб қоласиз.
Эй Пайғамбарим, Аллоҳнинг ваҳийларини, улар орқали инсонларга кўрсатиб қўйган далил, мўъжизаларини инкор этувчи, ёлғонга чиқарувчилардан бўлманг, чунки бунинг оқибати ўта ҳалокатлидир. Ушбу сўзлар Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) нисбатан айтилган бўлса-да, кўпчилик муфассирлар: Аллоҳ таоло бу оят орқали Фахри коинот воситаларида барча инсонларга хитоб этяпти, деб тафсир қилишади. Чунки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг дилларида Қуръон ҳақида асло шак-шубҳа, тараддуд ё гумон бўлмаган.
96. Парвардигорингизнинг Сўзи вожиб бўлганлар ҳақиқатан ишонишмайди;
Аллоҳ таолонинг Қуръони каримни инсониятга нозил қилишдан уларнинг илоҳий амрларга ҳеч бир шубҳа-гумонсиз қатъий ишонишларини, ҳаётларини илоҳий ваҳийлар асосида қуришларини, Ўзининг амрларини бажариб, қайтарганларидан четда бўлишларини ирода қилган эди. Бордию ким ушба амрлардан чекинса, Аллоҳнинг оятларини инкор этса, бундайларнинг бошига Парвардигорларининг Сўзи, яъни азоби келиши муқаррардир. Бу ояти каримадан маълум бўладики, ким абадий дўзахийлар тоифасидан бўлса, Аллоҳ таолонинг Сўзи, яъни азоби уларга вожиб бўлади. Бундайлар оят-далиллар келиб, қиёматдаги қаттиқ азоблардан огоҳлантирилганига қарамай, Қуръони каримга ишонмайди (Аллоҳ асрасин!)
97. ҳатто уларга барча далиллар келиб, қаттиқ азобларни кўрмагунларича.
Юнус алайҳиссаломнинг қавми, гарчи ҳукм амалга ошмай қолган ва уларнинг тавбалари Аллоҳнинг ҳузурида қабул этилган бўлса-да, тарихан оммавий ҳалокатга маҳкум этилган қавмлар сирасига киради. Шом мамлакатининг Мавсил музофоти қишлоқларидан бири бўлган Найнавода яшовчи қавм санамларга ибодат қиларди. Аллоҳ таоло ушбу бутпараст халқни Ҳақ динга даъват этиш учун Юнус алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Юнус алайҳиссалом жуда кўп насиҳатлар қилган бўлса ҳам, қавмга Аллоҳнинг ҳидояти насиб этмади ва имонга ҳам келмади. Улар бутларидан юз ўгирмади, ҳақ йўлга юрмади.
98. Кошки бирор қишлоқ аҳли имон келтирганда эди, имони фойда берган бўлур эди. Юнус қавмигина шундай қилди: имон келтиришгач, улардан дунёдаги расволик азобини кетказдик ва маълум муддатгача фойдалантириб қўйдик.
Бу ояти карима ҳақида ўтган уламолар икки хил фикр билдиришади: бир тоифалари айтишадики, Юнус алайҳиссалом қавми азобнинг аслини эмас, балки аломатларини кўргандаёқ имон келтирди, имоннинг бу хили шаръан мўътабар ва фойдалидир. Азобнинг ўзини кўриб келтирилган имон «имони яъсий» дейилади. Чунончи, Фиръавн олдин имонсиз эди, азоб келганидан кейингина имон келтирди. Бундай имоннинг унча эътибори бўлмайди. Бу фикрни айтувчилар кўпчиликдир. Уламоларнинг бошқа бир тоифаси эса: Юнус алайҳиссломга эргашганларнинг имонлари ҳам Фиръавнники каби асл азобни кўргач келтирилган эди, аммо Парвардигор Ўзининг фазли ва инояти билан уларнинг имонларини қабул этди ҳамда келган азобни улардан бартараф этди, дейишади.
99. Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, ер юзидаги барча халқлар имонга келган бўларди. Ё одамларни имонли бўлишга мажбурламоқчимисиз?
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ва барча мўминларга хитоб қилиб айтяптики, одамларни имонга зўрлаб келтириш ярамайди, қолаверса, бу сизларнинг ишингиз ҳам эмас. Чунки имон қалб чақириғидир, Аллоҳ хоҳлаган инсонларгина имонга келишади, ҳидоят йўлига киришади. Агар Парвардигорингиз истаганида эди, Ер юзидаги жамики инсонларни бир лаҳзада имонли қилиб қўйган бўлур эди. Ёки одамларни имонга мажбурлаб киритмоқчимисизлар? Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: “Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни ирода қилса, унинг кўксини Исломга кенг очиб қўяди, кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандагидек қисиб, танг-тор қилиб қўяди. Шунингдек, Аллоҳ имонсизларни азобга дучор қилади” (Анъом, 125).
100. Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир жон имонли бўла олмайди. Ақлини ишлатмайдиганларни У куфр нопоклиги билан жазолайди.
Борлиқдаги ҳамма иш, жараён фақат Аллоҳ таолонинг изни-иродаси билан амалга ошади. Айниқса, имонли қилиш, ҳидоятга бошлаш каби ишлар фақат Аллоҳ таолонинг изни-ихтиёридадир. Буни ҳатто У зот танлаб олган набий ва расуллар ҳам амалга ошира олишмайди. Аллоҳ ёрлақаган бандаларгина мўминлик рутбасига мушарраф бўлишади, Аллоҳнинг ғазабига учраган бандалар эса имон насибасидан бебаҳра қолишади. Ақлини ишлатмайдиган, Аллоҳнинг қудрат-иродасига ишонмайдиган ғофил кимсаларни У куфр нопоклиги билан жазолайди. Бундайлар умр бўйи имон лаззатидан бенасиб ҳолда, ғафлатда ўтиб кетишади. Инсоннинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабаси, мақоми, шаъни фақат унинг имони билан баҳоланади. Инсон қанчалар яхши фазилатлар эгаси бўлмасин, инсоният бахт-саодати йўлида нечоғли оламшумул ишларни қилмасин, имони бўлмаса, охиратда ҳеч бир нажотга эриша олмайди.
101. (Эй Муҳаммад): «Осмонлару Ердаги нарсаларга назар солинглар», денг. Лекин имон келтирмайдиганларга далиллар ҳам, насиҳатлар ҳам кор қилмайди.
Аллоҳ таоло Ўзининг Ҳабибига айтяптики, сизга бир кишини мажбурлаб имонга киритиш қудрати берилмаган, агар Аллоҳ хоҳлаганида дунёда яшаб турган барча инсонларни бир лаҳзада имонга киритиб қўйган бўларди. Лекин бундай қилиш Унинг илоҳий ҳикмати ва яратиш иродасига тўғри келмас эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзи истаган қавмларни имон билан мушарраф этди. Бошқа бир қавмни эса куфр ва залолатда қолишлари учун қалбларини муҳрлаб, кўзларини кўр қилиб, Аллоҳнинг далилларини уқмайдиганлардан этиб қўйди. Осмонлар ва Ердаги Аллоҳ таолонинг мўъжизалари ва далилларига инсонлар ибрат назари билан қарашсин, озгина тафаккур қилганлар Аллоҳнинг ваҳдониятига имон келтиришади. Бундан бош тортганлар эса куфр ва ширк нажосатига ботиб, залолатда қолаверади. Бундайларга Аллоҳнинг мўъжиза-далиллари ҳам, пайғамбарларнинг насиҳатлари ҳам фойда бермайди.
102. Улар ҳам олдингиларнинг куни келишини кутишяптими? «Кутаверинглар, мен ҳам сизларга қўшилиб кутаман», денг.
Яъни, имон лаззатидан, имон ҳаловатидан бебаҳра ўша кимсалар ўз бошларига ҳам олдинги қавмларнинг куни тушишини, имонсизликлари туфайли Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлишларини кутишяптими? Эй Пайғамбарим, уларга: “Майли, ўша кунни кутаверинглар, сизларнинг расво ва хор бўлишингизга гувоҳ бўлиш учун сизларга қўшилиб мен ҳам кутаман”, денг. Қиёмат соати яқин, тез кунда улар имонсизликнинг, мушрикликнинг оқибати не бўлишига, ўзларини қандай даҳшатли ҳисоб-китоб кутиб турганига ўзлари гувоҳ бўлишади.
103. Ўшанда Биз пайғамбарларимизни ва мўминларни қутқарамиз. Шундай бўлиши ҳақ! Зеро, мўминларни қутқариш Бизнинг бурчимиздир.
Қиёматда Аллоҳ таолонинг инсонларга юборган барча пайғамбарлари ҳам, ҳамма мўмин-мусулмонлар ҳам албатта нажот топишади. Чунки Аллоҳ таолонинг шундай ваъдаси бор, У зот эса асло ваъдасига хилоф қилмайди. Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари ва имон келтирган бандаларини охиратдаги қаттиқ азоблардан ва дунё ҳаётида кофирларнинг зулмларидан албатта қутқариши ҳақ эканини билдирмоқда. Саҳиҳ ҳадисда келишича, бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қиёматни эслаб, “умматим, умматим” деб йиғладилар. Аллоҳ таоло Ўз Расулининг нега йиғлаётганини билиб турса ҳам, аҳвол сўраш маъносида Жаброил алайҳиссаломни у зотнинг ҳузурларига юборди. Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, йиғи сабабини сўради. Аллоҳнинг Расули айтдилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла деди: “Эй Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор ва унга: “Биз сизнинг умматингиздан рози бўламиз ва ўзингизга ҳам ёмонлик бўлмайди” деб етказ!” (Имом Муслим ривояти).
104. (Эй Пайғамбар), айтинг: «Эй инсонлар, диним хусусида шубҳада бўлсанглар ҳам, барибир сизлар Аллоҳни қўйиб сиғинаётганларингга ибодат қилмайман, балки сизларнинг жонларингизни олувчи Аллоҳга сиғинаман. Менга имонлилардан бўлиш буюрилган».
Ҳақиқатан ибодатга, сиғинишга ҳақли зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Чунки у бутун махлуқотни, жумладан инсонларни яратган. Хоҳлаганига фойда, хоҳлаганига зарар бера оладиган ҳам, бандаларига жон бериб, жонларини оладиган ҳам ёлғиз Унинг Ўзидир. Бу ишларга Аллоҳдан бошқа ҳеч бир кимсанинг куч-қудрати етмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига одамларга шундай дейишни буюрмоқда: Яъни, «Эй одамлар, агар ҳаммаларингиз мен келтирган ҳақ динга шубҳа билан қараб, унга юрмайдиган бўлсангиз ҳам, бу қилмишингиз менинг ишончимга заррача таъсир кўрсата олмайди. “Кўпчилик кўнмаяпти, бирор сабаби бор шекилли”, деган фикр хаёлимга ҳам келмайди. Билиб қўйингки, Аллоҳдан ўзга сохта “илоҳ”ларга, сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ҳеч қачон ибодат қилмайман».
105. Эй Пайғамбар, ҳаниф динга юз буринг ва мушриклардан бўлманг;
Араб тилида “юз” сўзи кўп ҳолларда инсоннинг хулқи, феъл-атвори маъносида келади, чунки юз, чеҳра инсоннинг шахсиятини, бутун борлиғини аён қилиб туради. Шунинг учун Аллоҳ таоло ушбу ояти каримасида Пайғамбарига Ўзининг ҳаниф дини, Ҳақ дини, тавҳид дини бўлмиш Исломдан асло узоқлашмасликни буюрмоқда. Ҳаниф динга юз буриш эса барча махлуқотнинг ягона яратувчиси, бутун оламларнинг ёлғиз Парвардигори, ўта қудратли ва кибриёси улуғ Зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг яккалигига имон келтириш, Унга ҳеч бир нарсани шерик қилмаслик билан бўлади.
Оятдаги арабча “ҳаниф” сўзи “ҳанафа” феълидан олинган бўлиб, “ҳаққа мойил бўлди” маъносини англатади. Ягона илоҳга сиғиниш (тавҳид) асосига қурилган, ширкнинг турли кўринишларидан холи бўлган дин ёки таълимот “ҳанифлик” деб аталади. Аллоҳ таоло пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳанифлардан эканини зикр этган (Бақара, 135).
106. Аллоҳ қолиб, сизга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган нарсаларга сиғинманг! Шундай қилсангиз, золимлардан бўлиб қоласиз.
Ким Аллоҳдан бошқага сиғинса, уни Парвардигори ва маъбуд ўрнида кўрса, бу Аллоҳга шерик қўшганини англатади. Бу эса Аллоҳнинг тавҳид дини бўлган Исломга зид ишдир. Ширк жамиятда инсон қадрининг ва мавқеининг тубанлашувига сабаб бўлади. Аллоҳ инсонни Ер юзининг халифаси қилиб яратган, уни шараф эгаси қилган, замину коинотдаги барча нарсаларни унга бўйсундириб берган. Аммо айрим инсонлар бунинг қадрига етмай, ўзлари яратган нарсаларни “илоҳ” қилиб олишади, унга сиғинишади, ибодат қилишади, улардан мадад ва кушойиш сўрашади. Ваҳоланки, инсон ўзи сиғинаётган бу нарсалардан юксакда, ўша нарсаларнинг хўжайинидир. Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла ушбу ояти каримасида Ўзининг Пайғамбарини ва барча мўминларни ҳеч бир фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган бут ва санамларга сиғинишдан қайтармоқда, агар шундай қилишса ўз жонларига зулм қилган золимлардан бўлиб қолишлари ҳақида огоҳлантирмоқда.
107. Бордию Аллоҳ сизга бирор зарар етказса, Ундан ўзга даф қилувчи йўқдир. Агар сизга бирор яхшиликни раво кўрса, Унинг фазлини тўсиб қолувчи йўқдир. У фазлини хоҳлаган бандасига беради, У кечирувчи, раҳмлидир!
Ҳамма нарсанинг яратувчиси ва эгаси, буюк қудрат соҳиби Аллоҳ азза ва жалланинг ҳикмати ҳамда лутфи инояти шундаки, инсонларга бирор зарар етиши ҳам, унинг даф қилиниши ҳам фақат Аллоҳнинг иродасига боғлиқдир. Агар Аллоҳ бир бандасига бирор яхшиликни беришни ирода қилса, бутун жаҳон аҳли бирлашиб ҳам буни ундан тўсиб қўя олмайди. Инсоннинг бошига бирор мушкулот ёки фалокат тушгудай бўлса, бутун жаҳон аҳли бирлашиб ҳам уни бундан қутқара олмайди. У шундайин кечирувчи, раҳмли Зотки, гуноҳ қилиб турган бандасининг ҳам ризқини бермай ёки камайтириб қўймайди. У шундайин ҳикматли ва мағфиратли Зотки, истаган бандасидан фазлини, раҳматини ва карамини дариғ тутмайди. Шундай буюк ва меҳрибон Зотга қўлидан ҳеч нарса келмайдиган қандайдир сохта “илоҳ”ларни шерик қилиш соғлом ақлга мутлақо тўғри келмайдиган нодонликдир!
108. «Эй инсонлар, Парвардигорингиздан сизларга ҳақиқат келди, ким тўғри йўлда бўлса, бундан фақат фойда топади, ким ҳидоятдан озса, бундан фақат зарар топади, мен сизларга пойлоқчи эмасман», денг.
Яъни, эй инсонлар, Парвардигорингиз ҳузуридан сизларга ҳақ дин, ҳақ Китоб ва ҳақ Пайғамбар келди. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дини Исломни бутун инсониятга юборди. Энди ҳар бир инсон шуни яхши англаб, ўзининг фойда-зарарини аниқлаб олсин. Ким Аллоҳ таоло кўрсатган тўғри йўлда, ҳидоятда юрса, охиратда буюк саодатга ва абадий қолинадиган жаннат боғларига мушарраф бўлади. Ким тўғри йўлдан юз ўгириб, кофир ва мушриклардан бўлса, уни охират дунёсида афсус-надоматлар, қаттиқ жазолар кутиб турибди. Ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб беради, Пайғамбар алайҳиссалом инсонларга тўғри йўлни кўрсатиш учун юборилганлар, уларнинг ҳар бир қилмишини пойлаб турадиган пойлоқчи эмаслар.
109. (Эй Муҳаммад), ўзингизга юборилган ваҳийга эргашинг ва Аллоҳ ҳукм қилгунча сабрли бўлинг. У энг яхши ҳукм қилувчидир.
Исломнинг илк даврларида Маккада дин даъватини олиб борган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳар қадамда тазйиқ, машаққат, озор ва хўрликларга дуч келдилар. Макка мушриклар у зот олиб келган янги динга ишонишмади, аксинча Аллоҳнинг Расулига эргашган илк мусулмонларга кўз кўриб, қулоқ эшитмаган зулм ва ёмонликларни кўрсатишди. Улар Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган илоҳий ваҳийларни ёлғонга чиқариб, Набийнинг ўзларини мажнунга, шоирга, ёлғончига чиқаришди. Агар у зот эътиқодларидан қайтсалар, олтин тоғларни, кўркам боғларни, катта мансабларни ваъда қилишди, Ана шундай оғир бир ҳолатда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига тасалли бериб айтдики, сиз уларнинг бу тазйиқ ва қийноқларига қарамай, ўзингизга юборилган ваҳийларимизга эргашинг, улардан юз ўгирманг. Аллоҳ таолонинг ҳукми илоҳийси келгунча сабр қилиб туринг. Чунки Аллоҳ энг яхши ҳукм қилувчидир.
Ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таоло ваъда қилган ишлар бўлди. Парвардигорлари у зотни Мадинага ҳижрат қилдириб, мушриклар озор ва зулмларидан қутқарди. Мадиналик ансорларни у зотга ёрдамчи қилиб қўйди. Ғазотларда мусулмонларга нусрат ва зафар бериб, душманлари устидан ғолиб қилди. Шу тариқа Мадинада улкан Ислом салтанатига асос қўйилди. Ва бу қиёматгача боқий қолувчи дин мана ўн беш асрдирки, инсонларнинг қалбидан, онгидан, эътиқодидан мустаҳкам жой олиб келмоқда.