loader

057. Ҳадид сураси

Мадинада нозил бўлган, 29 оятдан иборат

“Ҳадид” сўзи луғатда «темир» деган маънони англатади, Қуръони каримнинг эллик еттинчи сураси номи, Мадинада нозил бўлган, 29 оятдан иборат. Сурада Аллоҳ таолонинг илоҳий сифатлари баён қилинади, мўминларни Аллоҳуларга ато этган нарсалардан хайр-саховат қилишга чорланади. Суранинг учта асосий мавзуси бор: 1) борлиқнинг бари Аллоҳники, уни У Зотнинг Ўзи яратган ва Ўзи қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилади; 2) Аллоҳнинг дини йўлида мол ва жонни фидо қилиш; ҳақиқий мўмин билан мунофиқ ўртасида фарқ борлиги; 3) дунё ҳою ҳавасининг алдамчи экани, мўмин киши охиратни обод қилиш учун Аллоҳнинг розилигини топишга ҳаракат қилиши зарурлиги. Сура мўминлар билан мунофиқларнинг охиратдаги аҳволи тўғрисида хабар бериб, у жойда мунофиқлар дунёдаги каби мўминлар орасига қўшилиб кета олмасдан ажралиб қолишларини уқтиради. Шунингдек, сурада пайғамбарларни юборишдан мақсад Аллоҳга даъват қилиш, ҳақиқат ва адолат ўрнатиш экани таъкидланади. Бу сурада кишиларнинг тинчлик-осойишталик кунларида ҳам, ҳарбу зарбларида ҳам бирдек зарур ва фойдали бўлган темир моддаси ҳақида зикр қилингани учун у шундай ном олган.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Осмонлар ва Ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб тасбеҳ айтади. У қудратлидир, ҳикматлидир.
Осмонлар ва Ердаги жамики нарсалар, улар хоҳ жонли, хоҳ жонсиз бўлсин, ҳаммалари ўзларини яратган буюк Парвардигорни поклаб, Унга тасбеҳ айтишади. «Тасбеҳ айтиш» деганда «улуғлаш», «поклаш», «нуқсонсиз деб ёд этиш» каби маънолар англашилади. Аслида тасбеҳ айтиш «Субҳаналлоҳ» калимасини такрорлашдир. Борлиқдаги ҳамма нарса ана шундай йўл билан Аллоҳга тасбеҳ айтади. Ҳар бир махлуқот ўз тилида Парвардигорни поклаб зикр қилади, Унга мақтовлар йўллайди. Лекин буни инсонлар билишмайди, улар ғафлатда юришгани, эътиборсиз бўлишгани учун борлиқдаги мавжудотларнинг Аллоҳ таолога ҳамду сано ва тасбеҳ айтишларини эшитишмайди ва англашмайди. Фақат инсонлар, фаришталар, жинлар, ҳайвонлар каби жонли нарсалар тасбеҳ айтиб қолмай, тоғу тошлару, денгизлар, дарахт ва гуллар каби каби жонсиз нарсалар ҳам Парвардигорларини улуғлаб, Унинг зикрини қилишади. Ҳадислардан бирида зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом: «Янги пайғамбар бўлган пайтимда Маккада бир тош менга салом берар эди, ҳозир ҳам уни танийман», деганлар (Муслим ривояти); Алий каррамаллоҳу важҳаҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Макканинг четига чиқдик, кўринган ҳар бир тош, ҳар бир тоғ у кишига «Ассалому алайка, йа Расулуллоҳ» дер эди», деган (Термизий ривояти); Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилган: «Расулуллоҳ алайҳисса-лом бир тўнка устида хутба айтар эдилар. У кишига минбар қилиб берилгач, унга чиқиб хутба айтаётганларида тўнка туянинг овози-га ўхшаш овоз чиқариб йиғлади. Расулуллоҳ тушиб, уни ушлаган эдилар, жим бўлиб қолди» (Бухорий ривояти).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг икки сифати - ал-Азиз ва ал-Ҳаким келган. “Ал-Азиз” ўта қудратли, барчанинг устидан ғолиб, Ундан бирор нарса ғолиб келолмайди деган маъноларни билдиради. Аллоҳнинг ушбу ал-Азиз исми Қуръони каримнинг юзга яқин жойида келган. Ҳақиқатан жамики азизлик Уникидир, куч-қудрат азизлиги ҳам Унгагина хосдир. Ундан асло ғолиб келиб бўлмайди. Манъ қилиш азизлиги ҳам Унинг учундир, У бунда бирор кишига муҳтож эмас. Қаҳр ва ғолиблик азизлиги ҳам Унинг учундир, бирор нарса Унинг изнисиз ҳаракат қила олмайди. Ал-Азиз исмининг яна бир маъноси “шараф”дир. Ал-Азиз исми жуда нодир деган маънода ҳам ишлатилади. Аллоҳ таолони Азиз десак унинг тенги ва ўхшаши йўқ, деган маънода ишлатамиз. Аллоҳ таолонинг ал-Ҳаким исми эса ҳамма нарсани ўта ҳикмат билан қилувчи, ҳамма нарсанингҳикматини билувчи маъноларини билдиради. Ал-Ҳаким исми Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида ал-Азиз исми билан ёнма-ён келади. Аллоҳ таолонинг иккитадан исми бир ўринда келган пайтда бу ўзига хос маъно касб қилади. Масалан, Азизун-Ҳаким дейилса, Аллоҳ таоло кучли, қудратли, айни пайтда У Ҳаким ҳамдир. Аллоҳ таолонинг кучли-қудратли бўлиши уни зулм қилишга олиб бормайди, балки Хдким исми ва ҳикмат сифати билан Аллоҳ таоло бу куч-қудратини ўз ўрнига ишлатади.

2. Осмонлару Ернинг подшоҳлиги Уникидир. У тирилтиради ва ўлдиради. У ҳамма нарсага қодирдир.
Осмонлар ва Ернинг, улар орасидаги барча нарсаларнинг ягона ҳукмдори Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Парвардигорнинг Ўзи буларни қатъий низоми билан бошқаради, уларга эгалик қилади, тасарруфини амалга оширади. Бунда Унга ҳеч бир зот шериклик қила олмайди, Унга ёрдам кўрсата олмайди. Шу билан бирга Ер юзидаги жамики бандаларини йўқдан бор қилиб яратиш ҳам, ўлдириш ҳам, қиёматда қайта тирилтириш ҳам фақат Унгагина хосдир. У ҳамма нарсага қодир ягона Парвардигордир. Шунинг учун Аллоҳдан ўзгага сиғиниш, Унга қандайдир сохта “илоҳ”ларни шерик қилиш мутлақо нотўғридир, соғлом ақлга, мантиққа тўғри келмайдиган ярамас ишдир. Унинг Биру Борлигига имон келтириш, Унинг амр-фармонларини сўзсиз бажариш, Пайғамбарига эргашиб, у зотнинг суннатларини маҳкам ушлаш билангина чин мўмин бўлинади, икки дунё саодати қўлга киритилади.

3. У Аввалдир, Охирдир, Зоҳирдир, Ботиндир ва У ҳамма нарсани билувчидир.
Ушбу ояти каримада осмонлару Ернинг ягона подшоҳи Аллоҳ таолонинг бешта сифати зикр қилинмоқда.
1. Ал-Аввал. У ҳамма нарсадан аввалдир, яъни барча мавжудотлар йўқлигида ҳам Аллоҳ бор эди. Мавжудотларни ал-Аввал сифатига эга бўлган Аллоҳ яратган, яъни, Аллоҳнинг вужудга келишининг бошланиши йўқдир. Аллоҳ аввалдир, чунки Ундан аввал борлиқда бирор нарса бўлмаган. У зоти ва шаъни билан барча нарсадан аввал келгани билан олийдир. Ал-Аввал дегани бошқа ҳамма нарса унга бориб тақалади ёки натижага эришишдаги асосий бошланиш нуқта, демакдир. Яъни, Аллоҳ таоло барча нарсанинг аввалги сабабчисидир.
2. Ал-Охир. Аллоҳ ал-Охирдир, яъни ҳамма нарса йўқ бўлиб кет-ганда ҳам Унинг Ўзи қолади. У доим мазлум билан биргадир. Ушбу ал-Охир исмидан оладиган ёрдаминг Аллоҳга боғланиб, ўзингни кучли ҳис қилишингдир.
3. Аз-Зоҳир. Бу исм Аллоҳнинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдин-дир. У ҳамма нарсадан зоҳир-устундир деган маъноларни англата-ди. Агар биз Аллоҳ таолони аз-Зоҳир деб айтсак, Унинг олийлиги, ғолиблиги ва шаънининг юксаклиги барчадан устундир, деб тушу-намиз. У Зот комилликнинг барча кўринишида ғолибдир. Унинг илми барча нарсани зоҳирда ҳам, ботинда ҳам қамраб олувчидир. У шу даражада зоҳирки, Унинг сифатлари орқали ақлий далил би-лан танилади. Аллоҳ таоло яна аз-Зоҳир сифати билан барча сир, яширин нарсаларни ошкор қилувчи Зотдир.
4. Ал-Ботин. У кўзга кўринмайди, ҳаммадан пинҳон-махфий нарсаларни билиб турувчидир, дегани. Кўришдан, назар солишдан тўсилган нарса “ботин” дейилади. Аллоҳ таолони ал-Ботин дейилса, демак У кўз билан кўришдан тўсилган, деган маънода бўлади. Демак, Аллоҳни бу дунёда кўз билан кўриб бўлмайди. Ким Аллоҳни кўрганини даъво қилса, унинг даъвоси ёлғондир. Аммо Уни охиратда кўрилади. Чунки инсоннинг кўриш қобилияти ва хусусияти бу дунёда Аллоҳни кўришга яроқсиздир. Лекин жаннатдаги инсон табиати бу дунёдаги табиатидан фарқ қилади. Жаннатда Аллоҳни кўришнинг имкони бор. Аллоҳ таолонинг кўзга кўринмай инсонлар назаридан тўсилиши бандаларини синаб, имтиҳон қилиш учундир. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларни «Кўзлари билан кўрмайдиган ғойибга ишонадиганлар» деб атаган.
5. Ал-Алим. Аллоҳ таолонинг ушбу сифатига кўра бандаларига Ўзи билдирган нарсаларни ҳам, уларга билдиришни ирода қилмаган нарсаларни ҳам, инсонлар кўзидан яшириб қўйилган (ғайбий) илмларни ҳам билувчидир. Аллоҳ таоло ушбу сифатига кўра борлиқ яралмасидан олдинги нарсаларни ҳам, қиёматда ушбу дунё тамоман бошқа ҳолатга кирганидан кейинги ҳолатни ҳам яхши билади. Унинг ушбу билиши комил ва шомилдир, Ўзи яратган махлуқотининг билишидан тубдан фарқланади.

4. У осмонлару Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам, унга нима кўтарилганини ҳам билади. Қаерда бўлсангиз ҳам, У сиз билан бирга, Аллоҳ нима амал қилаётганингизни кўриб турувчидир.
Ояти карима Аллоҳ таолонинг Ерни олти кунда яратиб, сўнг Аршга истиво қилганининг хабарини бермоқда. Олдинги суралар тафсирида келтирилганидек, Аллоҳнинг олти кунда яратиши бизнинг ҳисобимиздаги кунларни англатмайди, чунки инсонлар ҳисоблай бошлаган кунлар дунё яралганидан кейин жорий бўлган. Айрим динлар вакилларининг “Аллоҳ дуншанба куни бу нарсани, сешанба куни у нарсани яратди... кейин чарчаб якшанба куни дам олди” деган тахминларига эътибор қилиш мусулмонларга мутлақо тўғри келмайди. Оятдаги “олти кун”нинг асл миқдорини Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот билмайди. “Арш” сўзи луғатда “подшоҳнинг тахти”, “истиво” эса “кўтарилиш, ўрнашиш” маъноларини билдирса-да, Аршнинг ҳақиқатини ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Биз, мўминлар Аллоҳнинг Аршга истиво қилганига имон келтирамиз, аммо бунинг асл моҳияти ҳақида сўз юритмай-миз, баҳсга бормаймиз. Муфассирлар бу ҳақда тортишишни бидъат санашган ҳамда Аллоҳнинг Аршга истиво қилишини «ҳамма нарсани яратгандан сўнг Аллоҳ таоло уларни Ўзининг тасарруфига олди» деб шарҳ қилишган. Яна Аллоҳ таоло ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганинию унга нималарни кўтарилишини ҳам билиб турувчи Зотдир. Аллоҳ азза ва жалла ҳамма ерда ҳозиру нозир, бандалари қаерда бўлишса ҳам улар билан биргадир. Улар қаерда бўлишса ҳам ризқларини беради, ҳаётларини тасарруф этади, дуо-илтижоларини эшитади, ибодатларини даргоҳида мақбул қилади. Исломда бутун ер юзининг саждагоҳ, намозгоҳ қилиб қўйилганининг ҳикмати ҳам шунда. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бутун ер юзи менга саждагоҳ бўлди” деб марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти). Исломият инсонларга истаган жойларида ибодат қилишлари мумкинлигини эълон этди ва бу билан Аллоҳга юзланиш йўлини кўрсатди.

5. Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги Уникидир ва барча ишлар Аллоҳгагина қайтарилади.
Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона ҳукмдори Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бунда Унга ҳеч бир зот шериклик қила олмайди, Унга бирор ишда ёрдам кўрсата олмайди. Унинг таъқибидан осмонларга ҳам, Ернинг остига ҳам қочиб бўлмайди. Унинг ҳисоб-китобидан, жазо-иқобидан ҳам асло қутулиб бўлмайди. Чунки барча ишлар Унгагина қайтарилади. Қиёмат куни тирилиб, қабрларидан чиқиб келган барча инсонлар Парвардигорлари ҳузурида ҳисобга тортилиш учун тўпланадилар. Аллоҳ таоло осмонлару Ернинг ягона ҳукмдори экан, дунёдаги барча ишлар ягона Аллоҳнинг Ўзига қайтарилиши инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир.

6. Кечани кундузга киритади, кундузни тунга киритади ва У диллардаги сирларни ҳам билувчидир.
Аллоҳ таоло кечани кундузга киритади ва кундузни кечага киритади, яъни кечани пайдо қилувчи ҳам, кундузни пайдо қилувчи ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзидир. У гоҳо кечани қисқа, кунни узун, гоҳида эса аксинча қилиб қўйишга ҳам қодирдир. У ҳатто инсонларнинг дилларидан кечаётган сирларни ва миядаги ўй-хаёлларни ҳам билади. Оятдаги “кечани кундузга киритади” жумласи Ернинг қуёш атрофида ва ўз ўқи атрофида бир кеча-кундузда бир марта айланиб чиқишига ишорадир. Эътибор билан фикр юритсангиз, Ер юзининг бир тарафида кеч кирса, иккинчи бурчида тонг отади, яъни қоронғулик ўрнини ёруғлик эгаллайди. Кейин яна кундуз ўз ўрнини тунга бўшатиб беради. Бу ҳолат қиёматгача ҳеч қачон ўзгармайди, тун ўрнига кун кириб қолмайди, илоҳий низом сира бузилмайди. Аллоҳ таоло ушбу оятда “кечани кундузга киритиш” орқали Ернинг юмалоқ эканига ишора қилмоқда. Агар Ер ясси бўлганида кеча кундузнинг ичига кирмас ёки аксинча бўлмас эди, балки бир жойда ҳамиша кундузи, бошқа ерда фақат тун бўларди. Қуръони каримнинг бу ҳикматини замонавий илм яқиндагина кашф этди. Ғарб олимлари ва файласуфлари узоқ йиллар мобайнида Ерни бутун оламнинг маркази, бошқа барча жисмлар, шу жумладан қуёш ҳам Ернинг атрофида айланади, деган фикрни илгари суришган. “Оламнинг геоцентрик маркази” дея аталган ушбу тушунча Ғарбда милоддан олдинги иккинчи асрда яшаган Птоломей давридан бери ҳукмрон эди. 1512 йили Николай Коперник ўзининг гелиоцентрик назариясини илгари сурди, унга кўра, қуёш ўз системаси марказида ҳаракатсиз туради ва бошқа планеталар унинг атрофида айла-нади. Кейинчалик бошқа бир олим Иоҳанн Кеплер “Янги астрономия” китобида қуйидаги хулосани билдирди: сайёралар нафақат ўз эллиптик орбиталари бўйлаб қуёш атрофида, балки ўз ўқлари атрофида ҳам айланиб туради. Шу нарса маълум бўлгач, европалик олимлар учун қуёш тизимидаги кўплаб ҳолатлар, шу жумладан, кеча ва кундузнинг кетмакетлигини тўғри тушунтириб беришга йўл очилди. Дунё яралганидан буён кеча билан кундуз алмашиб туради. Бу жараён миллиардлаб йиллардан буён бирон марта тўхтагани йўқ, бирор сонияга кеч қолгани ёки олдин кетгани йўқ. Хўш, бу тартибни жорий этган Зот одамларни яратишдан ёки қайта тирилтиришдан ожиз бўладими?!


7. (Эй инсонлар), Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига имон келтиринглар ҳамда сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар. Зеро, сизлардан имон келтирган ва нафақа қилганларга улуғ мукофот бордир.
Яъни, эй инсонлар қўлларингиздаги мол-мулкка кўнгил қўйманглар, унга бахиллик қилиш сизларни эҳсон қилишдан тўсиб қўймасин. Чунки инсонларга ризқ қилиб берилган барча мол-мулк аслида Аллоҳникидир, у инсонларга вақтинчаликка бериб қўйилган, у ўша молни сақловчи вакил, халифадир. Шунинг учун мол-дунё инсонлар орасида айланиб, гоҳ у одамнинг, гоҳ бу одамнинг қўлида бўлиб қолади. Шуни асло эсдан чиқармангларки, бу моллар аввалда бошқаларнинг қўлида эди, улар кетиб, ўрниларига қолганингизда у сизларники бўлиб қолди. Сизлар ҳам кетганда эса бу мол-дунё бошқаларнинг қўлига ўтиб кетади. Шундай бўлгач, ана шу бевафо, вақтинчалик нарсага кўнгил қўйиб, уларни Аллоҳ буюрган жойларга сарф қилишда бахилликка борманглар, Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида улардан эҳсон-инфоқ қилинглар. Сизларнинг бу дунёда Аллоҳнинг молига хиёнат қилиб, уни ножўя сарфлаганингиз ёки исроф қилганингизнинг ҳисобини охиратда тўлиғича берганингиз ҳолда Аллоҳ йўлида қилган эҳсон, садақа ва нафақаларингиз учун улкан мукофотларни қўлга киритасиз.

8. Сизларга не бўлдики, Аллоҳга имон келтирмайсизлар? Ҳолбуки, Пайғамбар сизларни Парвардигорингизга имон келтиришга чақириб турибди. Агар ишонувчи бўлсангизлар, У сизлардан аҳду паймон олган эди.
Юқоридаги ояти каримада инсонлар имонга ва эҳсон қил ишга даъват қилинганидан сўнг энди имондан юз ўгирган кофирларга қарата шундай хитоб қилинмоқда: «Сизларга нима бўлдики, дунё ҳаётида Аллоҳга имон келтирмай ўтяпсизлар? Ҳолбуки, Аллоҳнинг Пайғамбари ораларингизда юриб, барчаларингизни Парвардигорингизга имон келтиришга чақириб турибди. Пайғамбар алайҳиссалом имон келтиришга чақираётган Парвардигорнинг Ўзи қадимда сизлардан Ўзига имон келтиришга аҳду паймон олган эди».
Ҳақиқатан нубувват тарихига назар ташласангиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматнинг гули бўлмиш саҳобалар орасида юрганлари ва уларни Аллоҳнинг ҳақ динига тинмай даъват қилганлари инсоният учун улкан бахту саодат, тенгсиз неъмат бўлган эди. У зотдан кейинги мусулмонлар эса Аллоҳнинг Расули келтирган Қуръон ва у киши қолдирган Суннатни дастур қилиб, уларга мувофиқ яшай бошладилар. Шунинг учун ҳам кейинги авлоднинг алоҳида ўрни бор. Бу ҳақда келган ҳадисларнинг бирида ривоят қилинишича, бир куни Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга: “Сизлар учун қайси мўминларнинг имони ажабланарлидир?” дедилар. “Фаришталарнинг”, деб жавоб беришди саҳобалар. “Улар Аллоҳнинг ҳузурида туриб, имон келтирмаганларида нима бўларди?” деб сўрадилар Пайғамбар алайҳиссалом. “(Унда) пайғамбарларнинг имонлари!” дейишди саҳобаи киромлар. “Уларга ваҳий тушиб турса-ю, имон келтиришмаса, нима бўларди?” дедилар Расули акрам алайҳиссалом. “(Унда) ўзимизнинг имонимиз”, дейишди саҳобалар. “Сизларнинг ичингизда мен турсам-у, имон келтирмасангиз, нима бўларди? Мўминларнинг энг ажабланарли имонга эга бўлганлари сизлардан кейин келиб, ўзлари кўрган саҳифаларга ва нарсаларга (яъни Қуръонга ва суннатга) имон келтирадиганлардир”, дедилар Пайғамбар алайҳиссалом (Бухорий ривояти).

9. У сизларни зулматлардан нурга олиб чиқиши учун Ўз бандасига аниқ оятларни нозил қилади. Ҳақиқатан Аллоҳ сизларга шафқатлидир, раҳмлидир.
Аллоҳ таоло бандаларига камоли меҳрибонлигидан уларга охир-замон Пайғамбарини бутун оламларга раҳмат этиб юборди, у зотга сўнгги Китоби Қуръони каримни нозил қилди, токи Пайғамбар алайҳиссалом умматни унга амал қилишга чорласинлар, уларга куфр, жаҳолат зулматларидан имон ва ҳидоят нурафшонлигига чиқиш йўлини кўрсатсинлар. Агар Аллоҳ таоло бандаларига шафқатли, раҳмли бўлмаганида уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйган, зулматлардан нурга чиқариш йўлини кўрсатиш учун Пайғам-барини ва Китобини юбормаган бўларди.

10. Сизларга не бўлдики, Аллоҳ йўлида эҳсон қилмайсизлар? Ҳолбуки, осмонлару Ернинг мероси Аллоҳникидир. Сизлардан ҳеч ким фатҳдан олдин эҳсон қилганларга ва урушганларга баробар бўла олмайди. Уларнинг даражалари фатҳдан сўнг эҳсон қилган ва урушганлардан кўра баландроқдир. Аллоҳ барчаларига яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
Аллоҳтаоло айтяптики, эй бандаларим, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ берган молдан Аллоҳ йўлида сарф қилишни истамаяпсизлар? Ҳолбуки, осмонлар ва Ердаги ҳамма нарса сизлардан қолиб кетади, буларнинг мероси Аллоҳникидир. Оятдаги “фатҳ” сўзи мусулмонларнинг Муҳаммад алайҳиссалом бошчиликларида Мадинаи мунавварадан келиб, Маккани мушриклардан озод қилишдаги фатҳларини англатади. Қуръони каримнинг илк оятлари нозил бўлганидан бошлаб фатҳ кунигача бўлган йигирма йилдан ортиқ даврда мўмин-мусулмонлар жуда катта синовларга, машаққатларга учрашди. Шу давр ичида Исломга қарши турли душманликлар, фитналар тинимсиз содир бўлиб турди. Оқибати нима бўлишини ҳеч ким билмасди. Шунга қарамай, эътиқодли мусулмонлар жонларини ва молларини ҳақ йўлда фидо қилдилар. Ўша пайтда қилинган эҳсон, инфоқда ҳеч қандай тамагирлик, риё ёки шахсий ғараз йўқ эди. Чунки бу эҳсонлар Аллоҳнинг розилиги учун, холис қилинарди. Макка фатҳидан кейин ҳамма ёппасига мусулмон бўлиб, Исломга кенг йўл очилганида имкониятлар туғилгач, эҳсон, садақа қиладиганлар ҳам кўпайиб кетди. Шунда «Буларга ҳам аввал мол-пул сарфлаганларнинг даражаси берилармикан?» деган савол пайдо бўлди. Юқоридаги оят эса ана шу саволга жавоб сифатида нозил қилинди. Фатҳдан кейин Аллоҳнинг йўлида молу мулк сарфлаганларга ҳам савоб бўлади, албатта, лекин аввалгиларнинг даражасида эмас. Аллоҳ уларнинг барига яхшилик ва мукофотларни ваъда қилган, У нима амал қилаётганингизни яхши билиб туради.
Муҳаммад ибн Фузайл Калбийдан ривоят қилади: “Бу оят Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. Бунга ушбу ривоят далолат қилади: “Ибн Умар айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ўтирган эдилар. Устида абоа (чопонга ўхшаш кийим) бор эди. Кўкрагини тўғноғич билан тўғнаб қўйган эди. Шу вақт Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб, Аллоҳдан салом айтади ва: “Эй Муҳаммад, Абу Бакрга нима бўлди? Устида абоа, уни тўғноғич билан кўкрагига тўғнаб олганини кўряпман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Жаброил, у фатҳдан олдин мол-мулкини менга инфоқ қилган”, дедилар. Жаброил айтди: “Унга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан салом айтинг. Яна айтингки, Парвардигори ундан шу фақирлик ҳолида Мендан розими ёки рози эмасми, деб сўраяпти”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга ўгирилдилар-да: “Эй Абу Бакр, Жаброил сенга Аллоҳдан салом айтаяпти. Парвардигоринг сенга “Шу фақирлик ҳолингда сен Мендан розимисан ёки рози эмасмисан”, деяпти”, дедилар. Буни эшитиб Абу Бакр йиғлаб юборди ва: “Мен Парвардигоримдан норози бўламанми? Мен Парвардигоримдан розиман, мен Парвардигоримдан розиман”, деди”.

11. Аллоҳга «қарзи ҳасана» берадиган киши борми?! (У Зот) унга икки ҳисса кўпайтириб қайтаради ва унга улуғ мукофот бор.
«Қарз» сўзи луғатда «кесиш, қирқиш» маъноларини билдиради. Қарз берувчи киши ўз молидан кесиб, қарз сўровчига беради. Аллоҳ таоло Ўз дини йўлида сарфланадиган мол-мулкларни Ўзига берилган «қарзи ҳасана»га, яъни орага судхўрлик ва бошқа ғаразлар қўшилмаган қарзга ўхшатмоқда. Аллоҳнинг ҳеч нарсага муҳтожлиги бўлмаса ҳам бандаларининг ҳиммат ва саховатини синаш учун қарзи ҳасана сўраяпти. Оятда Аллоҳ таоло эҳсон қилганларнинг сарфини икки баравар кўпайтириб беришга ва бунинг устига, уларни улуғ мукофоти бўлмиш жаннатга киритишга ваъда қилмоқда. Уламолар Аллоҳ таоло қабул қиладиган қарзи ҳасананинг шартларини ҳам зикр қилиб ўтишган: садақа қилувчининг нияти соф бўлиши; садақани чин кўнгилдан, риёсиз, Аллоҳнинг розилиги учун бериши; ҳалол молдан бўлиши; сифатсиз мол бўлмаслиги; энг зарур жойга сарфланиши; садақа яширин ҳолда қилиниши; миннат қилинмаслиги; кўп бўлса ҳам, оз саналиши; ўзининг яхши кўрган молидан бўлиши; ўзини бой санаб, олувчини камбағал санамаслиги шартдир.
Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ушбу оят нозил бўлганида Абу Даҳдоҳ Ансорий исмли саҳоба: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ биздан қарз хоҳлаяптими?” деди. “Ҳа, эй Абу Даҳдоҳ”, дедилар Сарвари олам. Шунда Абу Даҳдоҳ Расулуллоҳ алайҳиссаломга: “Қўлингизни беринг”, деди-да, у зотнинг муборак қўлларидан тутди. Сўнгра: “Мен Парвардигоримга боғимни қарз бердим”, деди. Унинг боғида олти юз туп хурмоси, хотини Умму Даҳдоҳ ва фарзандлари бор эди. Абу Даҳдоҳ боғига ке-либ, хотини Умму Даҳдоҳни чақирган эди, у: “Лаббай!” деб чиқди. Абу Даҳдоҳ: “Боғдан чиқ, мен уни Парвардигоримга қарз бердим”, деди. Аёл эса: “Қилган савдоингизнинг даромади кўп бўлсин”, деди-да, дарров болалари ва асбоб-анжомларини кўтариб, кўчди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Жаннатдаги дуру ёқутдан бўлган қанчадан-қанча хурмолар Абу Даҳдоҳники бўлди”, дедилар.

12. Мўмин ва мўминаларнинг олдлари ва ўнг тарафларида нурлари юраётганини кўрган Кунингизда: «Остларидан анҳорлар оқиб турувчи, мангу қолинадиган жаннатлар сизларга бугунги Куннинг хушхабаридир, ана шу улкан ютуқдир», (дейилади).
Қиёмат куни Маҳшар майдонида одамлар сирот кўпригига яқинлашганда атроф қоронғи зулмат бўлиб қоларкан. Шунда имон ва яхши амалларнинг нури эгаларига ҳамроҳ бўлиб, қоронғилиқца йўлларини ёритиб тураркан. Имоннинг дилга жо бўлганидан унинг ёрдами ана шундай оғир пайтда асқотади, яхши амаллар эгасининг ўнг томонида атрофини ёритиб туради. Муҳаммад алайҳиссалом умматларининг вужудлари мукаррамлиги сабабли улардаги нур бошқа умматларникидан зиёда бўлади. Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганидек, кимнингдир нури тоғдек, кимники хурмодек, яна кимникидир тик турган кишидек, энг озиники бош бармоғидек бўлиб, бир ўчиб-бир ёниб туради. Шу ҳолда имон эгалари қийналмай сирот кўпригидан ўтишга ҳаракат қилишади. Улуғ тобеъинлардан Қатоданинг айтишича, Пайғамбар алайҳиссалом: «Мўминлардан баъзиларининг нури Мадинадан Адангача ёритади, баъзилариники Санъогача ёки ундан озроқни ёритади», деганлар.
Абу Дардо билан Абу Зарр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда ҳам қиёмат куни бўладиган ҳодисалар ичида мазкур фикр ўз ифодасини топган. «Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни сажда қилишга биринчи изн берилган киши мен бўламан. Саждадан бошимни кўтариб, олдимга, ортимга, ўнг ва чап тарафларимга қарайман, бошқа умматлар ичидан ўз умматимни танийман”, дедилар. “Нуҳдан бошлаб яшаб ўтган умматлар ичидан ўз умматингизни қандай танийсиз, эй Аллоҳнинг Расули?” деди бир киши. “Таҳорат боисидан пайдо бўлган, бошқа умматлардан бирортасида учрамайдиган гўзал оқлиқцан танийман. Номаи аъмолларининг ўнг тарафларидан берилишидан танийман. Юзларидаги равшанлик ва олдиларида йўлларини ёритиб бораётган нурларидан танийман”, дедилар Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Мўмин ва мўминаларга ана шу нурга эришган пайтларида остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киришлари ва унда мангу қолишларининг хушхабари ҳам келади. Бу имонли инсонлар учун энг буюк ютуқдир.

13. Ўша куни мунофиқ ва мунофиқалар имонлиларга: «Тўхтаб туринглар, биз ҳам нурингиздан озгина олайлик» дейиш-са, уларга: «Ортингизга қайтиб нур қидиринглар» дейилади. Сўнгра улар ўртасига дарвозали девор урилади: унинг ичида раҳмат, ташқарисида эса азоб бўлади.
Қиёмат куни мунофиқ эрлар ва мунофиқа аёллар дунёдаги қилмишлари сабабли қоронғулик-зулмат ичида йўлларини топа олмай қолишади. Шунда улар нурлари атрофларини ёритиб кетаётган имон эгаларига мурожаат қилиб, нурларидан озгина беришни сўрашади. Уларга “Ортингизга қайтиб, нур қидириб юраверинглар, энди сизларга нур берилмайди”, дейилади. Энди улар зулматда қолишга маҳкумдирлар, чунки дунёда жаҳолат зулматидан ҳидоят нурафшонлигига таклиф қилинганида улар бу нурни хоҳлашмаган эди. Аллоҳ таоло ўша куни бу икки гуруҳ - имонлилар ва мунофиқларнинг ўрталарига дарвозаси бўлган девор ўрнатиб қўяди, унинг ичкарисида раҳмат, яъни жаннат бўлса, ташқарисида азоб, яъни дўзах бор эди. Ўша дарвозадан мўминлар ичкарига кириб кетишади, кофир ва мунофиқлар унинг ташқарисида қолишади.

14. (Мунофиқлар) уларга: «Биз сизлар билан бирга эмасмидик?!» деб нидо қилишганида улар айтишади: «Ҳа, лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунича ўзингизни фитнага солдингиз, куз тутдингиз, шубҳаландингиз ва хомхаёллар сизларни алдади. Сизларни алдоқчи Аллоҳ хусусида алдаб қўйди.
Мунофиқлар мўминларга қиёматда “Ахир дунёда биз ҳам сизлар билан бирга эдик-ку, нега ёрдамга келмаяпсизлар?” деб нидо қилиб қолишади. Шунда мўминлар уларга шундай дейишади: “Ҳа, бирга эдинглар, аммо ўлим келгунича ўзларингизни фитнага солдингиз, тавбага шошилмадингиз, ваҳийларга ишонмадингиз, хомхаёллар ва шайтон алдовига учдингиз”. Икрима розияллоҳу анху ушбу оятдаги “фитнага солдингиз”ни шаҳватлар билан деб, “кўз тутдингиз”-ни тавбани кечиктирдингиз деб, “шубҳаландингиз”ни Аллоҳнинг амри хусусида деб, “хомхаёллар сизни алдади”ии тавбани ортга суришлик билан деб, “сизларни алдокуш Аллоҳ ҳаҳида алдаб кўйди”ни шайтон, деб тафсир қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят бор: “Шаҳватга итоат қилиш касалликдир, унга бўйсунмаслик шифодир”. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай деган: “Нафсларни шаҳватдан тийинг, чунки у ўта ҳарис бўлиб, натижаси ёмонлик томонга шошади. Ҳақ албатта аччиқ ва оғир нарса, ботил эса хатарли ва енгилдир. Хатони тарк этиш тавба муолажасидан яхшироқдир. Кўпинча бир нигоҳ шаҳватни қўзғайди, бир зумлик шаҳват эса узоқ хафаликни келтириб чиқаради”.

15. Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тўлов олинмайди. Жойингиз дўзахдир, у сизга муносибдир. Бу қандайин ёмон оқибатдир!».
Куфр келтирган кимсалар ва мунофиқларнинг куфрлари ва нифоқлари аниқ бўлгани учун улар сирот кўприги томон юришмайди, балки тўғридан-тўғри дўзах дарвозалари сари судраб кетилиб, унинг қаърига отилади. Уларнинг жойи абадий қийноқ-азоб жойи бўлмиш дўзахдир. Улар пулсиротга қадам қўямиз деб ўйлаб туришганида атрофни қоронғилик-зулмат қоплаб, ҳеч нарсани кўрмай қолишганди. Бирдан мўминлардан таралиб турган нурни кўриб, уларнинг ёруғида кетиб оламиз, деб ўйлашган эди, бу ҳам насиб қилмади. Нур ахтариб ортларига қараб юришган эди, уларни дўзах посбонлари ушлаб, ҳукм қилинган жойларига келтириб ташлади. Бундан ҳам ёмон, бундан ҳам хатарли оқибат бўлиши мумкинми? Мунофиқлар дунё ҳаётида мўминлар билан бирга бўлишганини рўкач қилиб, «Дунё ҳаётида бирга бўлган эдик, энди бизни ёрдамсиз ташлаб кетасизларми?» деб, уларнинг раҳмини келтирмоқчи бўлишади. Аммо охиратда уларнинг бу ҳийлалари ўтмайди, мунофиқликлари аниқ аён бўлиб тургач, уларга ким ҳам ёрдам қўлини чўзарди? Қиёмат куни мунофиқларга ҳеч қандай нажот йўқ. Улар бу дунёда бирор нотўғри иш қилишса, уни маълум тўлов эвазига яхши кўрсатиб ёки хаспўшлаб олишар эди, аммо қиёматда мунофиқлардан ҳам, кофирлардан ҳам ҳеч қандай тўлов олинмайди. Барчаларининг борадиган жойлари дўзахнинг олови, фақат ўша олов уларнинг устидан ҳукмрон бўлади.

16. имон келтирганлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа мойил бўлиш, илгари китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан диллари қотиб кетганларга ўхшамаслик вақти келмадими?! Уларнинг кўплари фосиқдирлар.
Инсоннинг дили-қалби ҳамиша ўзгариб туради, ҳатто арабча «қалб» сўзи ҳам «ўзгариш», «айланиш» маъноларни англатади. Ушбу оят ҳам қалбнинг ўзгарувчанлигини билдириб турувчи эслатмалардан биридир. Инсон тез-тез Аллоҳни зикр қилиб турса, қалби юмшайди, мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади, зикрни унутса, дили қотиб, тошга айланиб кетади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Оятдаги «нозил бўлган ҳақ»дан мурод, Қуръони каримдир. Демак, уни тиловат қилиш, ёдлаш, ўрганиш, унга амал қилиш инсон дилини юмшатади. Аввал Таврот ва Инжил каби илоҳий китоблар берилган яҳудий ва насронийлар Аллоҳнинг зикридан узоқлашганлари учун вақтўтиши билан қалбларини моғор босиб, қаттиқ бўлиб қолган. Уларнинг кўплари фосиқлардир.
Лекин инсон “қалбим қотиб қолган” деган хаёлда унинг юмшашидан умидини узмаслиги керак. Аллоҳга ҳамма нарса осон. У худди қуриб-қақшаган ерни жонлантирганидек, моғор босиб, қотиб кетган қалбларни ҳам юмшата олади. Бунга атоқли тасаввуф шайхи Фузайл ибн Иёз тарихи яққол мисол бўла олади. Фузайл ибн Иёз риёзат ва тавозеъда ном чиқарган, улуғ шайх бўлишидан аввал қароқчиларнинг бошлиғи ҳам эди. Бир куни у карвонни талаш учун пистирмада ўтирганди. Карвон яқинлашганида Фузайл баногоҳ карвондагилардан бирининг Қуръон оятларини ўқиётганини эшитди. У Ҳадид сурасининг ўн олтинчи оятини ўқиб келарди: “Имон келттшрганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳакҳа қалбларининг юмшаш... вақти келмадими?!”. Фузайл “Бу оят мен учун ўқилди” деб, саросимага тушди, вужудига титроқ кирди. Ўзига ўзи: “Эй Фузайл, қачонгача қароқчилик қилиб, ўзгаларнинг молини зулм билан тортиб оласан? Қачонгача мусулмонларни ранжитасан? Вақт бўлди, энди бу қилмишларингдан қайт!”. Шу сўзлардан сўнг унинг юрагига ўт тушди. Бошини саждага қўйиб, чин дилдан, ихлос билан тавба қилди. Тавбаси қабул қилиниб, кароматли улуғ шайхга айланди.
Калбий ва Муқотил айтади: “Бу оят ҳижратдан бир йил кейин мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Улар бир куни Салмон Форсийдан: “Тавротдаги нарсалардан бизга гапириб бер. Унда жуда ажойиб нарсалар бор эмиш”, деб сўрашганида ушбу оят нозил бўлган”.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қанча вақт Қуръон нозил бўлиб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни одамларга тиловат қилиб турдилар. Шунда одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бир қисса-ҳикоя айтиб берсангиз эди”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло «Биз сизга қиссаларнинг энг чиройлисини айтиб берамиз» (Юсуф сураси)ни нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни одамларга бир қанча вақт тиловат қилиб бердилар.
Кейин одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз билан бир гурунглашиб, гаплашиб ўтирсангиз эди”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло «Аллоҳ сўзларнинг энг чиройлисини нозил қилди» оятини туширди ва бу билан Аллоҳ таоло одамларни фақат нозил бўлган ҳаққа, яъни Қуръонга қайтишга буюрди.
Авн ибн Абдуллоҳ отасидан Ибн Масъуднинг шундай деганини ривоят қилади: “Биз Исломни қабул қилган давр билан Аллоҳ бизга итоб қилиб: “имон келтирганлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа мойил бўлиш, илгари китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан диллари қотиб кетганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!” деган ояти орасидаги вақт тўрт йилдир”.

17. (Эй мўминлар), билингларки, албатта Аллоҳ “ўлган” ерни тирилтиради. Тушунишларингиз учун сизларга оятларни шу тариқа баён қилдик.
Яъни, ҳар қандай дили қотиб, ўликка айланган инсон ноумидлик билан Аллоҳга имондан узилиб қолмасин, Аллоҳга астойдил тавба қилса, У худди ўлиб ётган ерни сув юбориб тирилтиргани каби ўша банданинг қалбини ҳам ҳидоят нури билан суғориб тирилтиришга қодирдир. Аллоҳни эслаш, Унинг зикрини қилиш натижаси ва Қуръоннинг инсон қалбига ўтказадиган таъсири ушбу ояти каримада худди қақраб ётган ерга сувнинг қанчалик таъсир қилишига ўхшатилмоқда. Замахшарий, Розий ва Ибн Касирнинг айтишларича, ушбу ҳолат кибр, ғурур ва сохта фахр туфайли қалби ўлган инсонларнинг дилларида Аллоҳтаолога бўлган имон тажаллийси туфайли кечадиган ўзгаришлар ана шундай мисол билан васф этилмоқда.

18. Албатта, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар ҳамда Аллоҳга «қарзи ҳасан» берувчиларга икки ҳисса кўпайтириб берилади ва уларга улуғ мукофот бор.
Аллоҳ розилиги йўлида фақир ва муҳтожларга эҳсон ва садақа қилиш ҳар бир мўмин эркак ва аёлнинг энг муҳим вазифларидандир. Шунинг учун Аллоҳ таоло йўлида жон ва мол сарфлашдан ҳеч ким асло четланмасин. Чунки жон ҳам, мол ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг мулкидир. Истаса, ўликка жон ато қилади, хоҳласа, ғариб-мискин кишини подшоҳ этиб кўтаради. Ҳеч ким камбағаллашиб қоламан, дея Аллоҳ таоло йўлида қарзи ҳасана (чиройли қарз) беришдан хавфси-рамасин. Ризқни камайтириб, тор қилувчи ҳам, уни кенгайтириб мўл қилувчи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Ҳожатманд ва камбағалларга садақа берувчи эркаклар ва аёллар ҳамда Аллоҳнинг йўлида, савоб умидида молу дунё сарфлаганларнинг мукофотини Аллоҳ таоло бир неча баробар кўпайтириб беради. Баъзи ривоятларга қараганда икки баравар, айримларига кўра, еттидан етти юзгача кўпайтириб беради. Шу билан бирга, уларга улуғ мукофоти, яъни жаннатни ҳам муносиб кўради.

19. Аллоҳга ва Унинг пайгамбарларига имон келтирганлар - айни ўшалар Парвардигорлари хузурида сиддиқлар ва шоҳидлардир. Уларга мукофотлари ва нурлари бор. Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар - айни ўшалар дўзах эгаларидир.
Исломда Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтириб, тоат-ибодатда ўтганларнинг мақом-мартабаси ва даражаси бошқа бандаларникидан анча юқори бўлади. Аллоҳ таоло бундай бандаларни ушбу оятида “сиддиқлар” ва “шоҳидлар” деб атамоқда. Илоҳий маълумотларга чин дилдан ишониб, ҳеч иккиланмай тасдиқ этувчи ва амал қилувчи, тили билан дили бир зотлар «сиддиқ» деб аталади. Уларнинг охиратдаги даражаси пайғамбарлар ва шаҳидлар қаторида туради. Ислом тарихида бу шарафга биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларини, меърожга чиққанларини ҳеч тараддудланмай тасдиқ этган улуғ саҳобий, Ислом давлатининг илк халифаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эришганлар. «Шоҳидлар» эса ўзларининг содиқликлари билан юқори мақомга эришиб, Аллоҳнинг ҳузурида бошқа одамлар тўғрисида гувоҳлик бериш даражасига эришганлардир. Ушбу «шоҳидлар» ибораси Қуръони каримнинг бошқа кўпгина тафсирлари ва маъно таржималарида «шаҳидлар» шаклида ҳам талқин қилинган, яъни муфассир ва мутаржимлар оятда келган кўплик сийғасидаги «шуҳадаау» сўзи «шоҳид», яъни «гувоҳ» сўзининг кўплигими ёки «шаҳид», яъни «Аллоҳ йўлидаги жангда жон фидо қилувчи»нинг кўплигими деган мулоҳазада икки хил ижтиҳод қилишган.

20. Билингизки, бу дунё ҳаёти ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўзаро фахрланиш, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришга интилиш, холос. У худди кофирларни таажжубга солиб экин ундирган ёмғирга ўхшайди. Кейин қарабсизки, у қуриб, сарғаяди, сўнгра хор-хашакка айланиб кетади. Охиратда эса қаттиқ азоб, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир.
Аллоҳтаоло ушбу оятда дунё ҳаётини вақтинчаликўйин-кулги ва кўнгилхушликка, унинг жимжималари ва зеб-зийнатларига бир оз маҳлиё бўлиш, эришган ютуқлари ва қўлга киритган имкониятлари билан ўзаро фахрланиш, мол-давлат ва бола-чақани кўпайтириш йўлида бир-бири билан мусобақалашишга ўхшатмоқда. Ояти каримада дунё ҳаёти деҳқоннинг экин экишига қиёс қилиняпти. Деҳқон осмондан ёққан ёғин ёрдамида эккан экини тезда майса бўлиб униб чиқса таажжубга тушгани каби ўша экини бир куни қуриб-сарғайиб, кейин хор-хашакка айланиб йўқолса, яна ҳайронлиқца қолади. Айрим мусулмонлар ҳам дунёдаги қисқагина ҳаётлари вақтинчалик ўйин-кулги, дилхушлик билан ўтиб кетадиган озгина бир фурсат эканини яхши англашмайди. Дин душманлари уларнинг бу нодонлигидан усталик билан фойдаланиб, уларни кўпроқ шайтоний ишларга жалб қилиш, Аллоҳнинг амр-фармонларини бажаришдан четга тортиш пайидан бўлишади.
Дунё ҳаётида мусулмон кишини чалғитиш, йўлдан уришнинг минг бир хил йўллари бор. Бир ёқда шайтон васвасаси авжга чиқади: у ҳақ йўлдан оздирувчи, гуноҳ ишлар, қабиҳлик ва ифлосликларни инсон кўзига жозибали кўрсатади. Ана шу қабиҳ ва гуноҳ ишлар унга ғоят чиройли кўринади. Натижада қандай қилиб ана шу разолат домига кириб кетганини ўзи ҳам билолмай қолади.
Аллоҳ таоло ушбу оятида Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига куфр келтирган кимсаларга дўзахдаги азобнинг муқаррар жорий қилини-ши ҳақида огоҳлантирмоқда. Қиёматда барча инсонлар Парвардигорлари ҳузурида тўпланган чоғларида ҳар кимга бу дунёда қандай яшаб ўтганига қараб муомала қилинади, тақво аҳлига жаннат мукофоти берилса, кофир кимсаларга дўзахдаги вайл водийсида ёниш азоби берилади. Аммо Аллоҳдан қўрқувчи, У Зотнинг амр-буйруқларига қоим турувчи кишилар дунё ҳаётининг бу алдовларига учишмайди, ҳаётларини бефойда, гуноҳ ишларга, шайтон ва нафсларининг васвасаларига сарфлаб юборишмайди. Улар ҳаётларини Аллоҳга бандалик қилиш, Унинг ибодатида, итоатида қоим туриш, ҳамиша Парвардигорлари зикрини қилиш каби солиҳ амаллар билан безашади ва охиратда Аллоҳнинг улуғ ажр-мукофотларини, энг асосийси, У Зотнинг розилигини топишади, жамолига мушарраф бўлишади, иншааллоҳ!

21. (Эй инсонлар), Парвардигорингизнинг мағфиратига ҳамда Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирганлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмону Ернинг кенглигича бўлган жаннатга шошилинглар. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга беради. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
Аллоҳ таоло инсонларни Ўзининг мағфиратига ҳамда Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирганлар учун тайёрлаб қўйган жаннатларига шошилишга чақирмоқда. Солиҳ амаллар билан ўтган тақводор мўминлар учун Аллоҳ таоло ваъда қилган жаннат шунчалик улкан ва чегарасизки, унинг эни осмону Ерга тенгдир. Унга муносиб кўрилган саодатли инсонларни у ерда абадий роҳат-фароғат, тасаввурлар ожизлик қиладиган мангу шавқ ва лаззатлар кутади. Ана шундай неъматлар ва омонлик, фароғат ва мангу саодат гўшасини, энг асосийси Аллоҳ таолонинг жамолини кўришни истаган, орзу қилган инсон охират диёрини дунё ҳаётидан устун қўйиб, Аллоҳ таолонинг буюрганларини бажариши, Унинг мукофотига - бепоён жаннатидаги абадий ҳаётга мушарраф бўлиш учун шошилиши зарур. Бу Парвардигорингизнинг бандаларига фазли бўлиб, Аллоҳ улуғ фазлнинг эгасидир. Агар Аллоҳнинг ана шу фазли бўлмаганида бандаларининг дунёдаги қилган беҳисоб гуноҳлари учун жаннат у ёқда турсин, ҳатто энг оддий неъматини ҳам раво кўрмаган бўларди. Банда эса гоҳида билган ҳолда, гоҳо ўзи ҳам билмай ана шу гуноҳ ишларга қўл уриб қўяди. Шунда унинг Аллоҳга тавба қилиши зарур бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар ва Ундан гуноҳларингизни кечиришини ҳамиша сўранглар! Мен ҳам ҳар куни юз мартадан Аллоҳга тавба қиламан”, деганлар (Муслим ривояти). Гарчи Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалги ва кейинги гуноҳларини кечирган бўлса ҳам у зотнинг доимий тавба қилишлари биз - умматлари учун ибратдир, намунадир.

22. Хоҳ заминга, хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан олдин у Китобда бўлади. Албатта, бу Аллоҳга осондир.
Яъни, заминга, мамлакатга қаҳатчилик, зилзила, очарчилик, вабо каби умумий бир офат-бало келса ёки инсонларнинг ўзларигагина хос бўлган хасталик, мулкининг йўқолиши, яқинларидан ажраш каби бир мусибат етса, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг азалий илмида қарор топган, яъни “Лавҳул-Маҳфуз”да битилган бўлади. Ҳеч бир иш унга хилоф бўлмайди, ана шу Китобда ёзилгани амалга ошмай қолмайди. Шунинг учун инсонларнинг мазкур мусибатларга ортиқча хафа бўлиб, ўзларини қийнашга ҳожат йўқ. Ҳар бир бало-мусибатни сабр-бардош билан қарши олиш, уни Аллоҳнинг тақдирга битган синови сифатида қабул қилиш мусулмонларга хос бўлган сифатлардандир.

23. Токи сизлардан кетган нарсаларга қайғурмагайсизлар ва сизларга келган нарсадан ҳовлиқиб кетмагайсизлар. Аллоҳ ҳар қандай димоғдор ва мақтанчоқни севмайди.
Инсонлар яхши билиб олишсинки, бир яхши нарса, мол-мулк инсоннинг тақдирида ёзилган бўлса, унинг қўлига келмай қолмайди. Агар қисматида ёзилмаган бўлса, ҳар қанча тиришса ҳам унга эриша олмайди. Шунинг учун улар қўлларига тушиб қолган нарсага фахрланиб, ҳовлиқиб кетишмасин, эриша олмаган нарсаларига хафа бўлиб, тушкунликка ҳам тушишмасин. Мол-дунё жуда қаттиқ офатдир, қийин имтиҳондир. Агар у мўминнинг қўлига тушса, у буни Аллоҳнинг бир синови сифатида қабул қилиб, уни ўз жойига сарфлайди, яъни оиласининг нафақасидан ортганини садақа ва эҳсон қилади, молининг закотини беради, муҳтожларга хайриялар учун ажратади, бундан бошқа Аллоҳ буюрган савобли ишларга харжлайди. Аммо имони суст ёки имонсиз кимса дунёга муҳаббат қўйса, мол-дунё ишқига гирифтор бўлса, бойлик кетидан зир елиб-югуради, ҳаром мол тўплайди, бахиллик билан уни сарфлашдан воз кечади ва тўплаб-кўпайтиришга зўр беради. Унинг кўзини ҳирс пардаси қоплаб, ҳеч нарсани: атрофидаги муҳтожларни ҳам, пул кўйида ҳаромдан ва зулмдан қайтмаётганини ҳам, ўғирликдану пора олишдан ва беришдан ҳам жирканмаётганини кўрасиз. Ҳолбуки Аллоҳ азза ва жалла бундай бахил, димоғдор, бойлиги билан мақтанадиган кимсаларни асло яхши кўрмайди. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инъом сўраган эдим, бердилар. Яна тилаган эдим, яна бердилар. Яна сўраган эдим, бердиларда: «Бу мол-дунё деган нарса фусункор ва лаззатлидир. Ким нафсини тийиб, эҳтиёжига ярашасини олса, баракали бўлгайдир. Ким очкўзлик қилиб, эҳтиёжидан ортиғини олса, бебарака бўлади. Бундай одам мечкай ҳайвон кабидир. Берадиган қўл оладиган қўлдан яхшидир», дедилар” (Бухорий ривояти).

24. Улар бахиллик қиладиган ва одамларни ҳам бахилликка буюрадиганлардир. Ким юз ўгиргудай бўлса, албатта, Аллоҳ-нинг Ўзи беҳожатдир, мақталгандир.
Аксари мутакаббир бойлар ғулувга кетганлари учун Аллоҳ ўзларига ато этиб қўйган нарсаларни Аллоҳ йўлида сарфлашга бахиллик қилишади. Бу ҳам етмагандай бошқаларни ҳам ўзлари каби бахил бўлишга, мол-давлатининг етти жойидан тугиб, ҳеч кимга бермасликка чақиришади^Ҳар ким Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмаса, ўзига зарар етади. Ўша димоғдор ва мақтанчоқ бойлар билиб қўй-синларки, Парвардигорлари шунчалар бой ва беҳожат, ана шу сифатининг ўзигагина мақталишга сазовор Зотки, ҳузуридаги ҳамма нарсани инсонларга тортиқ қилиб юборса ҳам хазинаси заррача камайиб қолмайди. Аллоҳ азза ва жалла уларнинг эҳсонига муҳтож эмас, аксинча бандаларнинг ўзлари ҳамиша Парвардигорларига муҳтождирлар. Агар у бераётган неъматларини тўхтатиб қўйса, бераётган кундалик ризқини сал камайтириб қўйса, шунда бандалар ўз бахилликларининг оқибатини яхши билиб олган бўлишарди.

25. Биз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжатлар билан юбордик ва одамлар адолатда туришлари учун улар билан Китоб ҳамда мезон туширдик. Яна темирни ҳам туширдик - унда куч-қувват ва одамлар учун фойдалар бор. Бу Аллоҳ Ўзига ва пайғамбарларига ғойибона ёрдам берадиганларни билиши учундир. Албатта Аллоҳ кучли, қудратлидир.
Муфассирлар ушбу оятдаги Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига юборган “аниқ ҳужжатлар” жумласини борлиқдаги уларга очиқ-равшан кўриниб турган мўьжизалар, шунингдек, шариат аҳкомлари ёки илоҳий оятлар деб тушунтиришган. «Китоб»дан мурод ваҳий, яъни Қуръони каримдир. “Мезон” сўзидан тарозуни ҳам, шариатни ҳам тушуниш мумкин, чунки ҳар иккиси ҳам одамлар ўртасида инсоф ва адолатни жорий қилиш учун юборилган шариат аҳкомларидир.
Илмий асарларда келтирилишича, оятдаги темирга нисбатан «туширдик» сўзини кўчма маънода «одамларга хизмат қилиши учун бердик» деб ҳам тушунтириш мумкин. Аммо диққатимизни «осмондан Ерга туширдик» деган маънога қаратсак, оятнинг яна бир илмий мўъжизаси намоён бўлади. Гап шундаки, ҳозирги замон геология ва фалакшунослик (астрономия) фани Ердаги темир моддаси конларининг келиб чиқишини коинот билан боғлайди. Олимлар темир Ерга олислардаги улкан юлдузлардан келиб қолган, деб ҳисоблашади. Оғир металлар коинотдаги улкан юлдузлар ядросида шаклланади. Қуёш тизимида темирга ўхшаш моддани ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ. Темир фақатгина Қуёшдан бир неча баробар катта юлдузлар ядросида, юзлаб миллион даража иссиқликда пайдо бўлади. Бу юлдузлар таркибидаги темир моддаси маълум бир миқдордан ошгач, юлдуз бу оғир юк таъсирида портлаб кетади. Портлаш натижасида пайдо бўлган сон-саноқсиз темирли метеоритлар коинотга сочилиб кетади. Бирор осмон жисмининг тортиш кучи таъсирига тушиб қолган метеорит унинг сатҳига қулаб тушади. Бундан темир моддаси Коинотда пайдо бўлиб, Ерга метеорит бўлиб тушган, деган хулосани чиқариш мумкин. Бу сурада яна бир ажойиб сир яширинган: «Ҳадид» сураси Қуръони каримнинг 57-сураси ва «Ҳадид» сўзининг абжад ҳисобидаги миқдори ҳам 57 ни ташкил этади. Шуниси қизиқки, темирнинг даврий элементлар жадвалидаги атом рақами сони ҳам 57 экан.

26. Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда икковининг авлодларига нубувват ва китобни бериб қўйдик. Улар орасида ҳидоят топганлари бор, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир.
Дарҳақиқат, инсониятни тавҳидга чорлаш учун ҳамиша пайғамбарлар юбориб тургани каби Аллоҳ таоло Нуҳ ва Иброҳим алайҳиссаломларни ўз қавмларини ҳидоятга бошлашлари учун пайғамбар қилиб юборди. Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриётларидан кўплаб пайғамбарлар, жумладан, Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон нозил қилинган пайғамбарлар чиқди. Иброҳим алай-ҳиссаломнинг ўзлари эса Нуҳ алайҳиссаломнинг зурриётларидандирлар. Шундай қилиб, пайғамбарлар силсиласи узилмай давом этиб келмоқда ва барча пайғамбарлар ушбу икки зотнинг авлодлари десак, хато бўлмайди. Аллоҳ таолонинг фақат Ўзигагина аён бўлган ҳикматга кўра, пайғамбарлар авлодидан ҳидоят йўлида юриб, икки дунё саодатини қўлга киритган мўминлар ҳам, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор этиб, залолатга юз бурган фосиқлар ҳам чиққан. Булар орасида ҳидоятдагилар камроқ, фосиқлари эса кўпроқдир.

27. Сўнгра улар ортидан пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам ортларидан юбордик ҳамда унга Инжилни бердик. Унга эргашганлар қалбига шафқат ва раҳмдилликни солдик. Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олишди. Буни уларга фарз қилмаган эдик, ўзлари Аллоҳнинг розилигини истабгина қилдилар-у, лекин ҳақиқий риоясини қила олишмади. Шунда улардан имон келтирганларига мукофотларини бердик, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир.
Аллоҳ таоло Нуҳ ва Иброҳим алайҳиссаломлардан кейин ҳам аста-секин Ўз пайғамбарларини юбориб, бандаларини ҳидоятга бошлаб турди. Вақти-соати етганда, уларнинг ортидан Исо алай-ҳиссаломни ҳам пайғамбар этиб юборди. Демак, Исо ибн Марям алайҳиссалом Худо ҳам, Ўғил Худо ҳам, учликнинг учинчиси ҳам эмаслар. У киши Аллоҳнинг пайғамбарларидан биридир, Аллоҳ таоло бошқа пайғамбарларни қандай қилиб юборган бўлса, Исо алай-ҳиссаломни ҳам шундай юборган. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларидан баъзиларига Ўз китобларини бергани каби Исо алайҳиссаломга ҳам Инжилни берган. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга эргашиб, у кишининг даъватларини қабул қилганлар қалбига меҳрибонлик ва раҳм-шафқат солиб қўйган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Аммо Исо алайҳиссаломдан кейин кўп ўтмай у зотнинг таълимотлари бутунлай бузилиб кетди. Бинобарин, мазкур икки сифат ҳам бузилиб, Исо алайҳиссаломга эргашганликни даъво қиладиганлар ичидан сон-саноқсиз энг бемеҳр ва энг бераҳм кишилар чиқди. Ана шу кишилар Аллоҳ буюрмаган ишни ўзларига фарз қилиб олишди, роҳибликни, яъни таркидунёчиликни ўзларига одат қилиб олишди. Қуръони каримда масиҳийлардаги роҳиблик (таркидунёчиликдан иборат бўлган монахлик) бидъат сифатида қораланган. Ушбу оят маъноларинингтаржимаси ва тафсиридан Аллоҳтаоло Ҳазрати Исога (алайҳиссалом) эргашувчиларга роҳибликни буюрмаганини, балки уни бидъатчилар ўйлаб топишганини, унга ўзлари ҳақиқий риоя қила олмай, ўз ишларида хатоликка йўл қўйганларини билиб олиш мумкин. Роҳибликни ихтиёр қилган эркак кишилар эркакларнинг монастирида, аёллар эса аёлларнинг монастирида оила қурмай, дунёни тарк этиб ҳаёт кечирадилар. Тарихга назар ташланса, илк масиҳийларда роҳиблик (монахлик) ҳам, монастирлар ҳам бўлмаган. Бу нарса фақат милоднинг тўртинчи асрига келиб, Мисрда пайдо бўлди. 356 милодий йили вафот этган Антоний исм-ли мисрлик киши дунёда биринчи бўлиб роҳибликка асос солган. У Фиръавн давридаги таркидунёчиларнинг кийимларидан нусха олиб, оқ рангли канопдан либос киярди. У роҳиблардан ибодат қи-лиш, фақирона ҳаёт кечириш ва қўл меҳнати билан шуғулланишни талаб қиларди. Низомли монастирларни эса 346 милодий санада вафот этган Бохум исмли кимса ўйлаб топган. У ишлаб чиққан монахлик қоидаларига ҳозиргача амал қилинади. Насоролар ўзлари ўйлаб чиқарган, Аллоҳнинг розилигини топамиз деб умид қилган роҳибликка вақт ўтиши билан ҳаққоний риоя қилмай қўйдилар. Сиртдан роҳиблик давом этиб турса ҳам, ичдан бузилди. У инсон табиатига зид нарса бўлгани учун, ўзлари ихтиёр қилган тарки-дунёчиликка ўзлари чидай олмадилар. Монастирларда, монахлар орасида бўлиб ўтган шармандагарчиликлар ҳақида кўп китоблар ёзилган, матбуотда хабар берилган. Аллоҳ таоло Исо алайҳисса-ломга эргашганлардан имон келтириб, тўғри йўлда юрганларига ўз вақтида ажр-савобларини берган, лекин ўша вақтда ҳам уларнинг кўпи фосиқ бўлишган, дин чегарасидан чиқиб, фисқу фужур билан шуғулланишган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар ва: “Эй Ибн Масъуд!” дедилар. “Лаббайка, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. “Одамларнинг энг афзали кимлигини биласанми?” деб саволларини уч марта такрорладилар. “Аллоҳ ва Унинг Расули билади”, дедим. “Одамларнинг энг афзали динни ўрганиб, унга амал қилганларидир, эй Ибн Масъуд!” дедилар. “Лаббайка, эй Аллоҳнинг Расули!” дедим. “Одамлар ичида энг олими кимлигини билсанми?”. “Аллоҳ ва Унинг Расули билади”, дедим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ихтилоф пайдо бўлган пайтда ҳақни кўра билган киши одамларнинг энг олимидир, гарчи у амалда қосир, кети билан судралиб кетаётган бўлса ҳам. Мендан олдингилар етмиш икки фирқага бўлинди. Улардан учтаси нажот топди: бу қолганларга қарши курашган фирқа эди. Улар Исо ибн Марям динида эди, уларни ушлашди, ўлдиришди, бошларига арра тортишди. Яна бир фирқа - подшоҳларга юзма-юз бўлиб, уларга қарши туришга қодир бўлмаган фирқа. Улар подшоҳларни Аллоҳга ва Исо ибн Марямнинг динига даъват қилишди. Сўнг роҳибликни қабул қилиб, шаҳарларда кезишди. “Улуғ ва қудратли Аллоҳ улар ҳақида шундай деган” деб, юқоридаги оятни ўқидилар.

28. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Пайғамбарига имон келтиринглар. У рахдгатидан сизларга икки ҳисса беради ва юришингиз учун нур пайдо қилади ҳамда сизларни мағфират этади. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Олтинхон тўра тафсирида ёзилишича, оятдаги “Эй имон келтирганлар” хитоби Исо алайҳиссаломга эргашган умматларга ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга тобеъ бўлган мусулмонларга қаратилгандир. Олдинги ояти каримада Исо алайҳиссаломга эргашганлар ўзларига кўрсатилган илоҳий ишончни оқлай олмай, йўлдан озганлари, Аллоҳ фарз қилмаган нарсаларни ўзларига фарз қилиб олганлари ва бошқа камчиликларга йўл қўйиб, фисқ йўлидан кетганлари баён қилинган эди. Энди эса Муҳаммад алайҳиссаломга эргашган мўмин-мусулмонларга хитоб қилиниб, насронийлар ва бошқалар уддалай олмаган нарсани бажариб, Аллоҳнинг раҳмати ва фазлига сазовор бўлишга чақирилмоқда. Аҳли китоблардан бўлган яҳудий ва насронийларга Қуръон оятлари тиловат қилинганида уларнинг айрим инсофлилари дарҳол имон келтириб, Қуръонни тасдиқлашган ва: «Биз Қуръонга имон келтирдик, албаттау Парвардигоримиздан келган Ҳақдир, бизлар бундан олдин ҳам мусулмон бўлганмиз» дейишди. Чунки Аллоҳдан келган ҳар бир динга ишонган киши мусулмон ҳисобланади. Ушбу аҳли китоблар ҳам Аллоҳни бир деб билганлар, Унинг китоблари ва пайғамбарларига ишонганлар ҳамда ўз китобларида васфи келган охирзамон Пайғамбари - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келишларини орзиқиб кутганлар. Энди у зотга имон келтирмоқдалар. Муфассирларнинг айримлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида у зотга имон келтирган насронийлар гуруҳини Нажрон аҳлидан бўлганини ёзишади. Қай бири тўғрироқ эканини Аллоҳ билувчидир. Бундай саодатманд кишилар Парвардигорларининг чексиз лутфу марҳаматига сазовор бўлишади: Аллоҳ таоло уларга Ўз раҳматидан бир эмас, икки ҳисса беради, қиёмат куни зулматда қолишганида юришларига нур пайдо қилиб беради, гуноҳларини мағфират қилади. Чунки У мағфират қилувчидир, раҳмлидир. Булар Аллоҳ таолонинг энг улкан неъматларидир.

29. Бу, Аҳли китобларнинг Аллоҳнинг фазлидан ҳеч нарсага қодир бўлолмасликларини, албатта фазл Аллоҳнинг “қўл”ида бўлиб, уни хоҳлаган кишига беришини билишлари учундир. Аллоҳ буюк фазл эгасидир.
Яъни, Аҳли китоблар шуни билиб олишсинки, Аллоҳ таолонинг фазлига эга бўлиш учун уларда ҳеч қандай қудрат ва имконият йўқдир. Фазл ягона Аллоҳнинг “қўли”дадир, уни хоҳлаган бандасига беради. Аҳли китоблар бўлмиш яҳудийлар ва насронийлардан айрим тоифалари олдин ўзларига нозил қилинган Таврот ва Инжилга ҳамда ўзларига юборилган пайғамбарларга имон келтиришган эди. Инсониятга охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали Ислом дини юборилгач, бошқаларга ўхшаб янги динни инкор қилишмади, уни интизорлик билан кутишди ва имконият пайдо бўлиши билан Исломга, унинг Пайғамбарига имон келтиришди. Уларнинг бу ишлари Аллоҳ таоло томонидан икки марта мукофот билан тақдирланади. Мукофотларнинг бири Аллоҳнинг аввалги китоби ва аввалги пайғамбарига имон келтиришгани учун бўлса, иккинчиси Аллоҳнинг сўнгги Китоби бўлмиш Қуръонга ва сўнгги Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтиришгани учундир. Аммо Аҳли китоблардан шундай тоифалари ҳам борки, улар саркашликлари туфайли бундай саодатдан маҳрум бўлишди. Бундайлар: «Ваҳий, пайғамбарлик ва илоҳий китоблар фақат бизга хос, ўзгаларга берилмайди» деб фахрланишар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу даъволарини рад қилиб, фазл Ўз “қўли”да эканини, кимга хоҳласа, шунга муносиб кўришини, шу жумладан, араблардан бўлган Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам беришини таъкидламоқда.

Орқага Олдинга