loader

058. Мужодала сураси

Мадинада нозил бўлган, 22 оятдан иборат

“Мужодала” сўзи луғатда «тортишув, мунозара» маъноларини билдиради, Қуръони каримнинг эллик саккизинчи сураси номи, Мадинада нозил қилинган, 22 оятли. Сура аввалида Хавла бинти Саълаба исмли бир аёлнинг эри қилмиши тўғрисида шикоят қилиб келиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан мунозара қилгани баён этилгани учун у шундай ном олган. Сурада яҳудий ва мунофиқларнинг гуноҳ, зўравонлик ва Пайғамбар алайҳиссаломга итоатсизлик қилиш тўғрисида ўзаро шивир-шивир қилиб тил бириктиришлари, уларнинг мўминларга, хусусан Расулуллоҳга етказадиган озор-азиятлари ҳамда охир-оқибатда топадиган азоб-уқубатлари хусусида хабар берилади. Шунингдек, унда мўминларга уларнинг ўзаро муносабатларида ва Пайғамбар алайҳиссалом билан қиладиган муомалаларида риоя этишлари лозим бўлган одоб-ахлоқ борасидаги йўл-йўриқлар кўрсатилади. Бу сурада кўплаб шаръий масалалар, жумладан, зиҳор масаласи келган, у мазкур жоҳилий тушунчадаги ҳукмни бекор қилади ва зиҳор қилганларга гуноҳини ювиш учун молиявий ибодатни, яъни каффоротни жорий этади. Сурада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларнинг ҳаётий ишларига бевосита аралашиб, уларнинг нотўғри ишларини тузатиб турганига гувоҳ бўламиз.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ сиз билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди.
Аллоҳ икковингизнинг суҳбатингизни ҳам эшитди. Аллоҳ албатта эшитувчидир, кўриб турувчидир.
Ушбу суранинг биринчи - тўртинчи оятлари арабларда одат бўлган зиҳор масаласи ва Хавла бинти Саълаба исмли саҳобиянинг бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тортишгани ҳақида сўз юритади. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қиляптики, Парвардигорингиз сиз билан эри хусусида тортишиб, Бизга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди, икковингизнинг суҳбатларингизни ҳам эшитди. Парвардигорингизга ҳеч нарса махфий эмас, Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб, кўриб турувчидир.
Исломдан аввалги жоҳилият замонида арабларда ёмон бир одат бор эди: эр ўз хотинига: «Сен мен учун онамнинг белидексан, қорнидексан», деса, ораларидаги эр-хотинлик алоқалари абадий барбод бўларди. Бундан «Менга онам(нинг никоҳи) ҳаром бўлганидек, сен ҳам ҳаромсан» деган маъно тушунилар эди. Бунга ўхшаш сабаблар хотинларни қийнаш, азоблаш ва хўрлашнинг бир усули эди. Бизда ҳам баъзи оғзига кучи етмайдиган, имони суст, одобсиз кимсалар бўлар-бўлмасга «Агар фалон ишни қилмасам, онам хотиним бўлсин» деган гапни гапиришади. Набий алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидаги ривоят келтирилади: «Ҳамма овозларни эшитиб турувчи Аллоҳга ҳамд бўлсин! Тортишувчи аёл Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб гаплашганида мен уйнинг бир бурчагида эдим. Нима деганини эшитганим йўқ. Аллоҳ таоло «Қод самиъа Аллоҳу...» оятларини нозил қилди». Ҳазрати Оиша бу ривоятда Аллоҳнинг ҳамма нарсаларни бехато эшитиб туришига ўзлари яна бир бор гувоҳ бўлганларини айтмоқдалар. Чунки бу тарихий ҳодиса Оиша онамизнинг уйларида содир бўлган. Хавла бинти Саълаба келганида Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бошларини ювиб турган эдилар. Сўнгра Хавла розияллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломга ўз шикоятларини айта бошладилар. Оиша онамиз эса уйнинг бир бурчагига бориб, уларнинг овозлари дам пасайиб, дам кўтарилиб турганини эшитган бўлсалар-да, тортишувнинг моҳиятини тушунмаганлар. Шунда Аллоҳ таоло «Қод самиъа Аллоху» - «Аллоҳ албатта эшитди...» оятларини нозил қилган” (Аҳмад ривояти).
Ушбу воқеанинг тафсилоти ҳақида шундай ривоят қилинади: Хавла бинти Саълаба чиройли аёл эди. Бир куни эри Авс ибн Сомитнинг кўнгли у билан яқинликни истаб қолди. Хавла эса бунга кўнмади ва табиийки, ораларида можаро чиқади. Авс аччиғи тез одам эди, у хотинининг бу муомаласидан ўзини тута олмай: «Сен мен учун онамнинг белидексан», деб юборди. Жаҳлидан тушгач, у кўп афсус-надомат қилади. Чунки бу сўзлар ўша даврдаги жоҳилият ҳукми бўйича талоқ ўрнига ўтар ва эр-хотиннинг абадий ажралишига сабаб бўларди. Авс хотинига қараб: “Энди менга ҳаром бўлдинг шекилли?” деди. Хавла эса: “Аллоҳга қасамки, бу талоқ эмас”, деди. Сўнгра у қўшни аёлнинг кийимини ижарага олиб, бу масаланинг ҳукмини ойдинлаштириш учун Расулуллоҳнинг ҳузурларига йўл олди. У зотнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, эрим Авс ибн Сомит менга ёш, бой ва ақл-ҳушли пайтимда уйланди. Молимни еб битирди, ёшлигимни сўлдирди, ақлимни сустлатди ва ёшим улуғ бўлган бир дамда мендан зиҳор қилди. Энди ўзи бу зиҳордан афсус-надоматда. Бизларнинг яна қайта қўшилишимизга бирор йўл борми?” деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Унга ҳаром бўлибсан”, дедилар. Хавла эса бунга жавобан: “Сизга Қуръонни нозил қилган Зот билан қасамки, у талоқни зикр қилгани йўқ. У болаларимнинг отаси ва энг севимли кишимку ахир?” деди. Пайғамбар алайҳиссалом яна: “Унга ҳаром бўлибсан”, дедилар. Хавла бинти Саълаба бўлса: “Мушкулимни ва ёлғизлигимни Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан, мен эрим билан узоқ ҳаёт кечирдим, ундан фарзандлар кўрдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Унга ҳаром бўлибсан»дан бошқа гапни айтмадилар ва: “Сен ҳақингда бирор амр келгани йўқ”, дедилар. Хавла бинти Саълаба эса Набий алайҳиссалом билан тортишаверди. У зот: “Унга ҳаром бўлибсан», десалар, у: “Мушкулимни, ёлғизлигимни ва ҳолимнинг оғирлигини Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан”, дерди. Шундай тортишув чоғида Хавла бинти Саълаба: “Ахир менинг ёш болаларим бор, мен билан қолишса, оч бўлишади, у билан қолишса, зое бўлишади” дер ва бошини осмонга кўтариб: “Аллоҳим, Ўзингга ёлборяпман! Аллоҳим, Пайғамбаринг тилига менинг мушкулимни осон қилувчи (оятларни) тушир”, дер эди. Бирдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим бўлиб қолдилар. Ваҳий келганда бўладиган ҳолат юзага келди. Бир муддатдан кейин у киши муборак бошларини кўтардиларда: “Аллоҳ таоло сен ва сенинг эринг ҳақида оят нозил қилди”, дедилар. Сўнгра «Қод самиъа Аллоҳу»дан то «азаабун алийм»гача ўқиб бердилар.
Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа-лик даврида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолиб, ваъз-насиҳат қилибди ва: “Эй Умар, яқиндагина «Умарча» деб чақирилардинг, улғайганингдан сўнг «Эй Умар» деб чақириладиган бўлдинг. Энди эса «Эй амиралмўминин» деб чақирилмоқдасан. Аллоҳдан қўрқ, эй Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекор ўтказишдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади”, деб сўзлайверибди. Ҳазрати Умар жим қулоқ солиб тураверибдилар. Атрофдагилар у кишига: “Эй мўминларнинг амири, бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?” дейишганида ҳазрати Умар уларга жавобан бундай деган эканлар: “Аллоҳга қасамки, куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу - Хавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Бу аёлнинг сўзларини оламларнинг Парвардигори эшитади-ю, Умар эшитмасинми?!

2. Ораларингиздаги ўз хотинларини “зиҳор” қиладиганларга улар оналари эмасдир, фақат уларни туққанларгина улар-нинг оналаридир. Улар ҳақиқатан сўзнинг бемаъниси ва ёлғонини айтишади. Аллоҳ афв этувчидир, кечирувчидир.
“Зиҳор” сўзи луғатда «сирт, орқани ўхшатиш» маъноларини билдиради. Исломгача бўлган жоҳилият даврида эр ўз хотини баданининг орқаси ва қорнини онасининг ана шу аъзосига ўхшатиб ўзига ҳаром қилиб олиши «зиҳор» дейилади. Зиҳор Қуръони каримнинг ушбу Мужодала сураси 1-4-оятлари ва Суннат билан собит бўлган. Зиҳор қилган эр хотини билан қовушиш учун эвазига каффорат (бир қул озод қилиш ёки икки ой кетма-кет рўза тутиш ёки олтмиш мискинни тўйдириш) бериши лозим. Чунки бусиз унга хотини билан қўшилиш ҳаром бўлади. Каффорат бермай хотинига яқинлик қилса ёки шаҳват билан ўпса, гуноҳкор бўлади. Аллоҳ таоло ушбу сура оятлари орқали жоҳилиятнинг ярамас бир одатини ҳаром ва мункар нарса деб эълон қилмоқда. Қуръони карим мусулмонларга хитоб қилиб айтяптики, ичингиздан баъзи бир зиҳор қиладиганлар чиқиб қолса, ўшалар билиб қўйишсинки, зиҳор қилган хотинлари ҳеч қачон уларга она бўлиб қолмайди. Оғзида ўз хотинига «Сен мен учун онамнинг фалон жойидексан» деса, жуфти ҳалоли унга она бўлиб қолармиди?! Ушбу ҳукм баён қилингунча зиҳор қилганлар бўлса, кейин тавба қилсалар, Аллоҳ уларни мағфират қилади.
Уламоларнинг таъкидлашича, «зиҳор» фақат арабларга хос одат бўлиб, бошқа халқларда бу одат умуман бўлмаган. Ушбу оятлар кишиларнинг бидъат-хурофотга берилишлари оқибатида уларнинг ақллари ҳам тубанлашиб қолишини кўрсатади. Чунки эс-ҳуши жойида бўлган одам ҳеч қачон бир оғиз сўз билан хотини онасига айланиб қолишини қабул қила олмайди. Ислом таълимотлари Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳонинг зеҳнини очгани учун у ақл билан иш юритди. «Зиҳор»нинг нақадар ёмон одат эканини Аллоҳнинг Расулига уқтиришга ҳаракат қилди ва бутун бир халқни жаҳолат ботқоғидан олиб чиқувчи сураи кариманинг нозил бўлишига сабабчи бўлди. Уламолар шунингдек хотинни онага ўхшатиб бўлмаганидек, сингил, амма, холага ҳамда бошқа маҳрамларга ҳам ўхшатиб бўлмаслигини таъкидлашган.
Анас ибн Молик айтади: “Авс ибн Сомит хотини Хавла бинти Саълабани зиҳор қилди. Аёл бундан Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга шикоят қилиб келди: “Ёшим ўтиб, суякларим мўртлашиб қолганида эрим мени зиҳор қилди”. Шунда Аллоҳ таоло зиҳор оятини нозил қилди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Авсга: “Бир қул озод қил”, дедилар. У: “Бунга имконим йўқ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, икки ой кетма-кет рўза тут”, деб буюрдилар. У: “Мен ҳар куни еб турмасам кўзим кўрмай қолади”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳолда олтмиш нафар мискинни таомлантир”, дедилар. У: “Таом тополмайман, фақат силаи раҳм қилиб ва кўмаклашиб менга ёрдамлашсангиз (шунча таом) топа оламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам унга 15 соъ егулик бердилар. Аллоҳ унинг учун (барча таомни) жамлади. Аллоҳ раҳмлидир. Кўришса, унинг ўзида ҳам шунча (таом) бор экан, ҳаммаси қўшилса олтмиш мискинга етади” (Аҳмад ва бошқалар ривояти).
Аллоҳ таоло келгуси оятларда зиҳорнинг шаръий ҳукмларини зикр қилишга ўтади.

3. Хотинларини зиҳор қилиб, сўнг айтганларидан қайтувчилар қўшилишларидан олдин бир қулни озод қилишсин. Бу сизларга қилинган насиҳатдир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
Мазҳабимизга кўра, хотинини зиҳор қилган киши афсусланиб, ўз гапидан қайтгач, хотини билан қайта ярашишни ихтиёр этса, у ҳолда эр-хотинлик муносабатларини қайта бошлашдан олдин бир қулни озод қилиб, каффорат бериши лозим бўлади. Бу ҳукм эр-хотин-ликдек муқаддас алоқанинг ҳурматини оёқости қилиб, тилига эрк берган, хотинига жабр-зулм ўтказишга уринган эркаклар инсофга келишлари, насиҳатланишлари, ўзларини ўнглаб олишлари ва кейинчалик ўйлаб иш қилишлари учун шариатга киритилган. Шу-нинг учун бундай ишга йўл қўйганлар ҳар бир нарсани Аллоҳнинг ҳукмига мослаб қилишлари, хотинларига адолат билан муносабатда бўлишлари, Аллоҳнинг чегараларидан чиқмасликлари лозим. Чунки У Зот бандаларининг барча амалларини яхши билиб туради.

4. Ким тополмаса, қўшилмасдан олдин икки ой пайдар-пай рўза тутсин. Ким қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдирсин. Бу сизларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтиришингиз учундир. Булар Аллоҳнинг чегараларидир. Кофирларга эса аламли азоб бордир.
Бордию хотинини зиҳор қилгач, ярашишни ихтиёр қилган эркак каффорат учун қул топа олмаса, икки ой орасини узмасдан рўза тутиб беради. Аллоҳ таоло бандаларига ниҳоятда меҳрибон бўлгани учун озод қилишга қул топа олмаганларга осон йўлни кўрсатиб, икки ой рўза тутишга буюрмоқда. Агар у бунга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш нафар муҳтож мискинни таом бериб тўйдиради. Бу имкониятлар Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтирган мўминлар учун Аллоҳ белгилаб қўйган чегаралардир, ана шу чегараларга итоат қилмаган кофирларга эса охиратда аламли азоблар бўлади.
Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Салом айтади: “Хавла бинти Саълаба Убода ибн Сомитнинг акаси (ёки укаси)нинг хотини эди. У менга шуларни айтиб берди: “Бир куни эрим олдимга кириб, менга нималардир деди. У худди асабийлашгандек эди. Мен унга гап қайтардим. У ғазабланиб: “Сен менга худди онамнинг орқасидексан”, деди. Сўнг чиқиб, қавмининг йиғинига кетди. Кейин олдимга қай-тиб келиб, мен билан яқинлик қилишни хоҳлади. Мен кўнмадим. У менга куч ишлатди. Мен аёл киши заиф эркакни қандай енгса, уни шундай енгдим ва: “Йўқ, Хавланинг жони “қўл”ида бўлган Зотга қасамки, то Аллоҳ орамизда ҳукм қилмагунича менга яқинлаша олмайсан”, дедим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васал-ламга бўлган воқеани шикоят қилдим. У киши: “У сенинг эринг, амакингнинг ўғлидир, Аллоҳдан қўрқ ва унга яхши муомала қил”, дедилар. Мен токи бу оят нозил бўлгунича мужодала қилавердим. Каффорат ояти ўқилгач, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам менга: “Эрингга айт, бир қул озод қилсин”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, унинг озод қиладиган қули йўқ”, дедим. У киши: “Унга айт, икки ой муттасил рўза тутсин”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, у қари чол, рўза тутолмайди”, дедим. У киши: “Ундай бўлса, олтмиш мискинни таомлантирсин”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, унда таом қилиб берадиган ҳеч нарса йўқ”, дедим. У киши: “Майли, биз унга бир сават хурмо ёрдам қиламиз, - дедилар. Мен ҳам унга бир сават ёрдам қиламан”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, яхши иш қилдинг. У садақа қилсин”, дедилар” (Аҳмад ривояти).

5. Албатта, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилувчилар ўзларидан олдингилар хор бўлганларидек хор бўли-шади. Дарвоқе, Биз аниқ оятларни нозил қилиб қўйганмиз, кофирларга эса хорловчи азоб бор.
Яъни, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ҳукмига итоат қилинглар, жоҳилият замонининг одатларини тарк этинглар. Аллоҳ ва Унинг Расули ҳукмларига мухолифлик қилиш кофирларнинг ишидир ва охиратда улар учун аламли азоблар тайёрлаб қўйилган бўлади. Улар имонсизликлари учун охиратда хор ва расво бўлишади, улар дунё ҳаётида ҳам шарманда ва залил бўлишган эди. Муфассирларнинг айтишларича, бу ояти карима Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга қарши барча кучларини тўплаб, урушга отланганларида нозил қилинган. Ушбу ояти орқали Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалом бошлиқ мусулмонларга тасалли берган. Чунки ўша йиллари Пайғамбар алайҳиссаломнинг рисолатларини тасдиқловчи Қуръон оятлари тушиб турган бўлишига қарамай, Макка мушриклари Аллоҳга ва Унинг амрларига қарши чиқишган, шунингдек, Унинг Пайғамбарига итоатсизлик кўрсатишган эди. Оқибатда Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душ-манлик қилган олдинги қавмлар қандай хор бўлган бўлса, Макка мушриклари ҳам шундай хор бўлишди.

6. Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган Кунда қилган амалларининг хабарини беради. Буларни Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутишган. Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳдир.
Яъни, хоҳ осмонларда, хоҳ Ерда бўлсин, хоҳ катта, хоҳ арзимас кичик бўлсин, хоҳ ошкор, хоҳ махфий бўлсин, борлиқдаги ҳамма нарса, бандаларининг барча амаллари Аллоҳ таолога яхши маълумдир. Инсонлар қайта тирилтириладиган қиёмат куни буларнинг барини инсонларга билдиради. Бандалар қилмишларини унутиб юборишган бўлса ҳам, Аллоҳтаоло буларнинг бирортасини қолдирмай ҳисобини олиб турган. Чунки У Зот ҳамма нарсага гувоҳдир. Тўғри, баъзи кофир ва осийлар қилмишларига яраша жазо тортмай бу дунёдан ўтиб кетишлари мумкин. Аллоҳ таоло шунинг учун ҳам қиёматни, ўлгандан кейин қайта тирилишни жорий қил-ган. У Зот ҳамма бандаларга уларни қайта тирилтирадиган Кунда, яъни қиёматда қилган ишларининг хабарини беради.

7. Аллоҳ осмонлару Ердаги ҳамма нарсани билишини англамадингизми? Агар уч кишининг махфий суҳбати бўлса, албатта тўртинчиси Удир. Беш кишининг ҳам олтинчиси Удир. Бундан оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам ва қаерда бўлишса ҳам албатта Аллоҳ улар биландир. Сўнг қиёмат куни уларга қилган амалларининг хабарини беради. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, Парвардигорингизнинг осмонлар ва Ердаги ҳамма нарсадан хабардор эканини, У Зотга борлиқдаги ҳеч бир нарса пинҳон қолмаслигини англамадингизми? Шунинг учун ҳам Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилувчилар динга душманлик қилиш ниятида «Пинҳона, пичирлашиб гаплашмоқдамиз, ҳеч ким билмаяпти» деб хомтама бўлишмасин, Аллоҳнинг Ўзи уларнинг ҳамма ҳолларидан хабардор бўлиб, барча гапларини эшитиб-билиб турибди. Улардан уч нафари қачон махфий маслаҳатучун тўпланишса, тўртинчилари албатта Аллоҳ бўлади. Агар беш нафар киши яширинча суҳбатга киришса, олтинчиси албатта Аллоҳ бўлади. Улар оз бўладими ёки кўп, очиқда суҳбатлашадими ёки пана жойда, барибир Аллоҳ уларнинг бу суҳбатларидан бохабардир. У қиёмат куни барчаларига қилган амалларининг хабарини тўла-тўкис айтади, чунки У борлиқдаги ҳамма нарсани билиб туради.
Икки киши ва ундан ортиқ одамнинг бир жойга тўпланиб, бошқаларга эшиттирмай пичирлашиб гаплашиши арабларда «нажва» дейилади. Пайғамбаримиз даврларида яҳудийларда шундай одат бўлган. Улар Мадина кўчаларида бирор мусулмонни кўриб қолишса, дарҳол тўпланиб, пичир-пичирни бошлашар эди. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатини кўрган ҳар бир мўмин йўловчи хавотирга тушар, гумонга борар, қўрқиб бошқа йўлдан кетар эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом яҳудийларни бундай «нажва»дан қайтарсалар ҳам, улар бу одатларини яна давом эттираверишди.

8. (Эй Муҳаммад), махфий сўзлашишдан қайтарилганларни кўрмадингизми?! Ман этилган ишга яна қайтишади, гуноҳ, душманлик ва Пайғамбарга итоатсизлик қилишда махфий суҳбат қуришади. Ҳузурингизга келишганида эса сизга бир ибора билан салом беришадики, Аллоҳ сизга ўша билан салом бермаган эди. Яна ўзларича: «Нега бу гапимиз учун Аллоҳ бизларни азобламаяпти?» дейишади. Уларга ўзлари кирадиган дўзах етарлидир. У қандайин ёмон жой!
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак мажлисларига келган мунофиқлар бир-бирлари билан махфий суратда, шивирлашиб гаплашишарди. Улар суҳбатда ўтирган мусулмонларни масхара қилишар, имо-ишоралар қилиб, мусулмонларни имлаб кўрсатишар, бу қилиқлари билан уларга ранж-озорлар етказишар эди. Ҳолбуки, мунофиқлар бундай хил муомаладан қайтарилган эди, аммо яна шу ишларини қилишдан тўхташмади. Уларнинг бошқалардан яширган ҳолда ўзаро пичирлашиб гаплашишлари ё ислоҳучун, ё оммага наф бўлиши учун эмасди, балки гуноҳ ва ҳаддан ошиш, асл мусулмонларга душманлик қилиш учун эди. Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларини уларга ўхшамасликка, ғийбатдан йироқ юришга чақиради. Ибн Аббос ва Мужоҳид айтади: “Бу оят Бани Исроил ва мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Улар мўминларни қўшмасдан ўзаро суҳбат қилишарди. Ва мўминларга қараб кўзлари билан имо-ишора қилишарди. Мўминлар уларнинг ўзаро суҳбатларини кўришганда: “Жангга кетган биродарларимиз, қариндошларимиз енгилгани ёки мусибатланишгани ёки ўлганлари ҳақида буларга хабар келган бўлса керак” деб, кўнгиллари оғрир ва хафа бўлишарди. То биродарлари ва қариндошлари жангдан қайтиб келгунича шу ҳолатда бўлишарди. Бундай ҳолатлар кўпайиб кетгач, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мусулмонларни қўшмасдан ўзаро хос суҳбат қилмасликка буюрдилар. Лекин улар бундан тийилишмадилар. Яна ўша шивир-шивирларига қайтавердилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Аллоҳ таоло ушбу сурада айтяптики, яҳудийлар маккорлик билан сўз ўйини қилиб, худди салом берганга ўхшасалар-да, аслида “сом алайка” (сенга ўлим) дейишар, ёмонликни ифода қилувчи сўзларни айтишарди. Бу ҳақда шундай ҳадис ҳам бор: “Оиша розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига яҳудийлар кириб келиб: “Ас-сому алайка, эй Абул Қосим! (яъни, «сенга ўлим бўлсин»), дейишарди. Оиша онамиз уларга: “Ва алайкум ас-сому”, дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳой Оиша, Аллоҳ таоло фаҳш сўзларни хуш кўрмайди”, дедилар. Оиша онамиз: “Уларнинг «Ас-сому алайка» («Сенга ўлим бўлсин») деганини эшитмадингизми?” деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай жавоб қилдилар: “Менинг «Ва алайкум» («Сизларга ҳам») деганимни эшитмадингми?» (Ибн Абу Ҳотим ривояти). Қатода Анас ибн Моликдан ривоят қилади: “Бир яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: “Ассому алайка (сенга ўлим бўлсин)”, деди. Одамлар (салом беряпти деб ўйлаб), жавоб қайтаришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима деганини биласизларми?” дедилар. Одамлар: “Аллоҳнинг Набийи ва Расули билувчидир”, дейишди. У зот: “Йўқ, у фалон-фалон нарса деди, уни менга қайтариб келинглар”, дедилар. Уни қайтариб келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен “Ассому алайкум” дединг-а?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизларга аҳли китоблардан бирор киши салом берса, сизлар: «Алайка» (сенга ҳам), денглар”, дедилар (Яъни айтган нарсанг ўзингга бўлсин). Ва Аллоҳнинг мазкур сўзи нозил бўлди”.
Бани Исроил қавми ўз қилмишларининг нотўғри эканини ҳам яхши билишарди. Шунингучун ҳам ичларида «Шу гапимиз учун Аллоҳ бизни нега азобламаяпти?» деб қўйишар эди. Бу, Аллоҳнинг ҳар бир зарарли ва ботиний нарсаларни кўрувчи ва билувчилигига далолатдир. Яхудийларнинг бу қилмишлари албатта жазосини топмай қўймайди: уларга ўзлари кириб азобланадиган дўзах етарлидир.

9. Эй имон келтирганлар! Сизлар ўзаро махфий суҳбат қилсангиз, гуноҳ, адоват ва Пайгамбарга итоатсиз бўлиш хусусида махфий суҳбатлашманглар, яхшилик ва тақво хусусида махфий суҳбат қилинглар ва Ҳузурига тўпланиладиган Зот - Аллоҳдан қўрқинглар.
Аллоҳ таоло имон келтирган бандаларига хитобан айтяптики, сизлар ўзаро махфий суҳбат қурганингизда гуноҳ ишлар, ўзаро душманчилик ва Аллоҳнинг Пайғамбарига итоатсизлик кўрсатиш хақида эмас, бошқаларга яхшилик қилиш, Аллоҳдан қўрқиш, яъни тақво тўғрисида сўзлашинглар. Чунки тез орада Парвардигорингиз ҳузурида тўпланишингиз аниқ бўлганидан кейин фақат Унинг Ўзидан қўрқинглар. Бундан келиб чиқадики, мўмин-мусулмонлар ўзаро суҳбатларида доимо бир-бирларини яхшиликка ва тақвога чорлашлари лозим экан.
Муфассирлар ушбу оят тафсирида қуйидаги ҳадисни ҳам келтиришади: “Сафвон ибн Маҳроз айтади: «Мен Абдуллоҳ ибн Умарнинг қўлидан ушлаб кетаётган эдим, бир одам йўлни тўсиб чиқиб: “Пайғамбар алайҳиссаломдан қиёмат кунида нажва (махфий суҳбат) хақида нима эшитгансиз?” деди. Абдуллоҳ ибн Умар: “Расулуллоҳ алайҳиссаломдан қуйидагиларни эшитганман, у зот шундай деганлар: «Аллоҳ мўмин бандани ўзига яқинлаштириб, уни “бағри”га босиб, одамлардан тўсади-да, нажва қилиб, махфий гаплашади. Гуноҳларига иқрор қилдиради. «Бу гуноҳингни биласанми? Мана бу гуноҳингни биласанми? Бунисиничи?» дейди. Ниҳоят, банда гуноҳларига иқрор бўлиб, “энди ҳалок бўлдим” деганида Аллоҳ: «Бу гуноҳларингни ёруғ дунёда беркитган эдим, бугун эса мағфират қиламан», дейди. Сўнгра унга яхшиликлари битилган китобини беради. Аммо кофир ва мунофиқларга қараб: «Гувоҳлар, манавилар ўз Парвардигорларига ёлғон гапларни айтишган. Золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» дейди» (Аҳмад ривояти).

10. Ўзаро махфий суҳбатлашиш шайтондан бўлиб, имонлиларни ғамгин қилиш учундир, у Аллоҳнинг изнисиз уларга сира зарар етказа олмайди. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар.
Ушбу ояти каримада мусулмонл ардан мунофиқларнинг ёмон хислатларидан узоқда бўлиш талаб қилинмоқда. Уларга шундай насиҳат қилиняптики, мунофиқларнинг махфий сўзлашишлари шайтон тарафидан бўлган ишдир, чунки бундан мусулмонларга катта ранж ва азият етади. Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг изнисиз шайтон ҳам, шайтонсифат кимсалар ҳам бирор кишига зарар етказа олмайди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ҳамиша Парвардигорларига сиғинсинлар, Ундан ёрдам ва паноҳ сўрасинлар, Унгагина таваккул қилсинлар. Одатда икки-уч кишининг бошқалардан ажралган ҳолда ўзаро махфий сўзлашишлари одамлар орасига шубҳа ва гумон уруғларини сепади, жамият аъзолари ичида ишончсизлик келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад алай-ҳиссалом ўз ҳадисларида: «Агар уч киши бўлсаларингиз, иккитангиз пичирлашиб гаплашиб, учинчи биродарингизни четда қўйманг, албатта, бу нарса уни хафа қилади», деганлар (Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда уч кишидан иккитаси пичирлашиб маслаҳат қилмоқчи бўлишса, учинчи шахсдан рухсат сўрашлари шарт экани уқтириб ўтилган. Машҳур муфассир Имом Олусий: «Учинчи шахснинг ҳузурида икки киши у билмайдиган тилда сўзлашиши мумкин эмас», деган.

11. Эй имон келтирганлар! Агар мажлисларда сизларга «жой беринг» дейилса, жой беринглар, Аллоҳ сизларга ҳам жой беради. Агар «туринг» дейилса, туринглар. Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни, хусусан, илм берилганларни даражаларга кўтаради. Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан ўта хабардордир.
Аллоҳ таоло имон келтирган мўмин бандаларига хитоб қилиб айтяптики, агар мажлис-йиғинларда, масжидларда бир мўмин келиб жой сўраса, дарров сурилиб жой беринглар. Аллоҳ сизларга ҳам жой беради. Бордию “туринглар” дейилса, буйруқни бажаринглар. Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Муқотил ибн Ҳайён шундай ривоят қилади: «Бу оят жума куни нозил бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом ўша куни асҳоблари билан суффада, тор жойда ўтирган эдилар. У зот Бадр уруши қатнашчиларини иззат-икром қилишга одатланган эдилар. Бадр уруши иштирокчиларидан бир гуруҳи мажлисга кеч қолиб келди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қаршиларига келиб: «Ассалому алайкум, айюҳан Набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу», дейишди. У зот алайҳиссалом алик олдилар. Улар ўтирганларга ҳам салом беришди. Ўтирганлар ҳам алик олишди. Келганлар жой берилишини кутиб тик туриб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг нимага туриб қолганларини билдилар. Лекин уларга жой берилмади. Бу эса Пайғамбар алайҳиссаломга оғир ботди. Шунда у зот алайҳиссалом атрофларида ўтирган, Бадр урушида қатнашмаган кишиларга «Ҳой фалончи, фалончи» деб бирма-бир ўринларидан турғизиб, уларнинг жойига Бадр аҳлини ўтқаздилар. Бу эса ўрнидан турғизилганларга оғир ботди. Набий алайҳиссалом буни уларнинг юзларидан сездилар. Мунофиқлар бу ҳодисадан усталик билан фойдаланиб: «Пайғамбаримиз кишилар орасида адолат ўрнатади, деб юрар эдинглар-ку?! Аллоҳга қасамки, анавиларга асло адолат қилмади. Бир гуруҳ одамлар ўз пайғамбарларини яхши кўриб, унга яқинлашган эди, уларни турғизиб юбориб, ўринларига ўзгаларни ўтқазди», дейишга ўтишди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ўз биродарига жой берган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар. Шундан сўнг одамлар ўринларидан шошилиб тура бошлашди ва биродарларига жой бўшатишди. Шу иш бўлиб турган пайтда ушбу оят нозил бўлди». Илм ўрганиш мўмин-мусулмонларга фарздир. Мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлисларида имон ва илмдан сабоқ олишарди. Шунинг учун ҳам ҳамма катта қизиқиш билан, иложи борича, у зотга яқинроқ ўтиришни хоҳларди. Ушбу оят нозил бўлгач, илм олиш мажлисларида ҳозир бўлганларнинг барчасига жой беришни йўлга қўйишга киришилди.
Ояти кариманинг давомида Аллоҳ таоло имон келтирган ва илм ато этилган бандаларининг даражаларини баландга кўтариши ҳам алоҳида таъкидланмоқда. Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар гал ушбу оятни ўқиганларида «Эй одамлар! Бу оятни яхши англанглар, у сизларни илмга тарғиб қилади», дер эканлар. Дарҳақиқат, имон ва илм Аллоҳ ато этган айрим одамлар ўзларича «обрў-эътибор, шараф» санаб юрадиган мансаб, гул, мол-дунё ва бойликларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳеч бир қадр-қиймати йўқ, фақат имон ва илм билангина Аллоҳ таоло тақводорларнинг мартабаларини юқорига кўтаради. Бу, инсон фақат диний илмларни ўрганиб, дунёсига керакли илмларни тарк этсин, дегани эмас ёки фақат дунёвий илмларга зўр бериб икки дунё саодатига элтувчи ухровий илмлардан воз кечсин, дегани эмас. Мусулмонлар дунё ва охиратга фойдали бўлган барча илмларни ўрганишга даъват қилинганлар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди” деганларини эшитганман” (Бухорий ва Муслим ривояти); бошқа бир ҳадисда келишича, “Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳу Нофеъ ибн Абдулҳорис исмли кишини Маккага волий этиб тайинлаган эканлар. Уни Асафон номли жойда учратиб қолиб: “Ўрнингга кимни раҳбар қилиб қўйиб келдинг?” дедилар. Нофеъ шундай жавоб қилибди: “Қуллиқцан озод бўлган Ибн Абзий исмли кишини”. “Қулликдан озод бўлган кишини, дейсанми?” деб сўрабдилар ҳазрати Умар. “Эй мўминларнинг амири, унинг ўзи қори, мерос илмини ҳам билади, қиссаларини ҳам”, деди Нофеъ. Шунда ҳазрати Умар: “Пайғамбарингиз «Албатта Парвардигорингиз бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг обрўсини кўтаради, баъзи бирлариникини эса туширади», деб айтмаганмидилар?” деган экан (Аҳмад ривояти).
Илмнинг фойдаси уни ўрганиб амал қилган кишигагина эмас, балки у яшаган жамиятга ҳам тегади. Шунинг учун ҳам Пайғам-бар алайҳиссалом: “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмон ва Ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли, денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи олимларга мағфират сўраб, дуо қилишади”, деганлар (Термизий ривояти). Машҳур саҳобалардан ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос бундай ривоят қиладилар: «Сулаймон алайҳиссаломга илм, мол ва салтанатдан биттасини танлаш таклиф қилинганда илмни танладилар, бунинг сабабидан молга ҳам, салтанатга ҳам эга бўлдилар». Ҳакимлардан бири шундай деган: “Агар олим киши вафот этса, унинг вафотига сувдаги балиқлару осмондаги қушлар ҳам йиғлайди, унинг жисми йўқ бўлса-да, фойдали илми ва номи унутилмайди”.
Келгусидаги оятлар мусулмонларга Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам билан сўзлашув одобларини ўргатиш мақсадида нозил қилинган бўлиб, улар Набий алайҳиссаломнинг қимматли вақтларини бекор кетказмасликка чорлайди.

12. Эй имон келтирганлар! Агар Пайгамбар билан махфий суҳбат қилмоқчи бўлсанглар, махфий суҳбатингиздан олдин садақа беринглар. Бу ўзларингиз учун яхшироқ ва покизароқдир. Агар топа олмасанглар, у ҳолда Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир.
Мунофиқларнинг аксарияти, гоҳида эса айрим содда мусулмонлар ўзларини кўрсатиш учун Пайғамбар алайҳиссалом билан махфий, яккама-якка суҳбатни кўпайтириб юборишганди. Бунинг оқибатида Пайғамбар алайҳиссалом бошқалар билан мулоқот қилишга вақт топа олмай қолардилар. Натижада омма манфаати учун керак бўлган зарур вақт беҳуда ўтар эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил этиб, бу масалани тартибга солди: эй имон келтирганлар, Пайғамбар алайҳиссалом билан махфий суҳбат қурмоқчи бўлсангиз, бир оз садақа қилинглар. Бордию махфий суҳбат қилишдан олдин садақа қилишга нарсангиз бўлмаса, унда сизга гуноҳ бўлмайди. АллоҳЎзининг кечирувчилик ва раҳмлилик сифати билан кечиб юборади. Кейинчалик ушбу оятнинг ҳукми мансух (бекор) бўлган. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши шундай деган: «Аллоҳнинг Китобида бир оят бор, унга мендан аввал ҳеч ким амал қилмаган ва мендан кейин ҳам ҳеч ким амал қилмайди. Мазкур оят нозил бўлганида бир динорим бор эди. Уни ўн дирҳамга майдалаб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига ўн марта кириб, ўнта саволимга жавоб олиб чиққанман. Ҳар киришимдан аввал камбағалларга бир дирҳам садақа қилдим. Сўнгра оят насх этилди, яъни унга амал қилиш бекор бўлди».
Муқотил ибн Ҳайён айтади: “Бу оят бойлар ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, кўп суҳбатлашишарди. Камбағалларга имкон беришмасди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг узоқ ўтиришларини ва узун суҳбатларини ёмон кўрдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди ва суҳбат олдидан садақа қилишга буюрди. Камбағаллар садақа қилишга ҳеч нарса тополмадилар. Бойлар эса қизғанчиқлик қилишди ва бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларига оғир ботди. Шунда рухсат ояти нозил бўлди”.

13. Махфий суҳбатингиздан олдин садақа беришингиздан қўрқдингизми? Агар бера олмаган бўлсанглар, Аллоҳ афв қилганидан кейин намозни тўкис адо этинглар ва закотни беринглар. Ва Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
Ушбу ояти карима ўзидан олдинги оятни насх қилган, яъни амалдан қолдирган. Яъни, садақага буюришдан мақсад ҳосил бўлди, энди бу вақтинчалик ҳукм сизлардан кўтарилди. Энди нафсингизни поклаш учун Аллоҳ буюрган намоз, закот, Аллоҳ ва Унинг Расули амрларига итоат қилишда бардавом бўлинглар. Ушбу икки оятни ўрганиш асносида АллоҳтаолонингЎз бандаларига қанчалар меҳрибонлиги, уларга доимо енгилликни хоҳлаши янада аниқ-равшан кўринади. Аллоҳтаоло аввалги ҳукмини бекор қилмаса ёки ундан ҳам оғирроқ ҳукмни жорий қилса бўлаверар эди. Лекин У Зот ўзини унутиб қўйган баъзи кишиларни огоҳлантириб бўлгач, яна кўпчиликка раҳм қилиб, Ўзининг аввалги ҳукмини бекор қилди. У Ўз бандаларига ҳеч қачон машаққатни раво кўрмайди.
Аллоҳтаолонинг бундай меҳрибончилигини Пайғамбар алайҳис-салом билан ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳу ораларида бўлиб ўтган ушбу суҳбат ҳам исботлайди: «Алий ибн Абу Толиб шундай деди: “Нажвадан (махфий суҳбатдан) аввал садақа бериш ҳақидаги оят нозил бўлганда Пайғамбар алайҳиссалом менга: “Қанча деб ўйлайсан, бир динорми?” дедилар. Мен: “Қодир бўлмайдилар”, дедим. У киши яна сўрадилар: “Ярим динорми?” Мен: “Чидай олмайдилар”, дедим.У киши: “Нима дейсан бўлмаса?” дедилар. Мен: “Бир дона арпа”, дедим. Шунда Расулуллоҳ: “Зоҳидлик қилдинг”, дедилар. Сўнг Аллоҳ таоло «А ашфақтум...» оятини нозил қилди ва бу уммати Муҳаммадияга енгиллик бўлди» (Термизий ривояти).

14. (Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг ғазабига учраган қавмни дўст тутганларни кўрмайсизми? Улар сизлардан ҳам, улардан ҳам эмасдир. Яна билиб туриб, ёлғон қасам ичишади.
Яъни, эй Пайғамбарим, мунофиқларнинг Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлганларни, яъни яҳудийларни дўст тутаётганларни кўрмайсизми!» Яҳудийларнинг сифатларидан бири уларнинг Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлганларидир. Оятдаги «Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганлар»дан мурод эса мунофиқлардир. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлганларни дўст тутганлар мусулмонлардан ҳам эмас ва яҳудийлардан ҳам эмас. Улар аросатда қолган мунофиқлардир. Улар билиб туриб ёлғондан қасам ичишади. Мунофиқ - сўзи бошқа-ю, иши бошқа кимсадир. Бу ўринда зикр этилаётган мунофиқлар тилларида ўзларини «мусулмон» деб аташади, аммо дилларида мусулмонларга душманлик кайфиятидалар. Уларнинг сирларини Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмга - яҳудийларга сотадилар. Шунинг учун Қуръони карим мунофиқларни «мусулмонлардан ҳам эмас, яҳудийлардан ҳам эмаслар», деб эълон қилмоқда.

15. Аллоҳ улар учун қаттиқ азобни тайёрлаб қўйган. Дарҳақиқат, уларнинг қилаётган ишлари жуда ёмондир!
Аллоҳ номи билан ёлғондан қасам ичиб, Аллоҳнинг ғазабига учраган мунофиқлар учун Аллоҳ таоло дунё ва охиратда қаттиқ азобларни тайёрлаб қўйган. Уларнинг бу қилмишлари нақадар ёмонлигини уларнинг ўзлари ҳам билишади.
Суддий ва Муқотил айтади: “Бу оят Абдуллоҳ ибн Набтал исмли мунофиқ ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтириб, кейин у кишининг гапларини яҳудийларга етказарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларининг бирида турганларида бирдан: “Ҳозир олдингизга шафқатсиз, бераҳм қалбли ва шайтоннинг кўзлари билан қарайдиган бир киши киради”, дедилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Набтал кириб келди. У совуқ, кўкимтир киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Сен ва ҳамроҳларинг нима сабабдан мени ҳақорат қилдинглар”, дедилар. У бундай қилмаганига Аллоҳ номи билан қасам ичди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қилдинг-ку!” дедилар. У бориб ҳамроҳларини ҳам бошлаб келди. Улар ҳам “бундай қилмадик” деб, Аллоҳ номи билан қасам ичишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Ибн Аббос айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидан бирининг соясида тургандилар. Олдиларида бир гуруҳ мусулмонлар бор эди. Соя қисқариб бораётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Ҳозир олдингизга сизларга шайтоннинг кўзи билан қарайдиган кимса келади. У келса, гапирманглар”, дедилар. Шунда бир кўкимтир одам келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чақириб: “Сен, фалончи ва фалончи нима учун мени сўкдинглар?” деб, унинг ҳамроҳлари исмини айтдилар. У бориб, шерикларини айтиб келди. Улар келиб, Аллоҳ номи билан қасам ичишди ва ўзларини оқлашди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.

16. Улар қасамларини ўзларига қалқон қилиб олиб, Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Уларга хорловчи азоб бордир!
Мунофиқ кимсалар дилларидаги нифоқларини яшириш учун бўлар-бўлмасга ёлғондан қасам ичишаверади. Ана шу қасамларини рўкач қилиб, бошқаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар, мусулмонларни чалғитиб, йўлдан урадилар. Мунофиқ кофирдан ҳам ёмон кимсадир, чунки кофирнинг кимлиги сўзи ва ишидан очиқ кўриниб туради, мунофиқнинг дилидагини эса билиш қийин, устида ўзини мусулмон қилиб кўрсатса-да, дилида мусулмонларга душманлик кайфиятида бўлади. Албатта мунофиқлар бу дунёда қилган нифоқлари, Аллоҳнинг динига душманлик қилганлари ва бошқа гуноҳлари учун муносиб жазоларини олишади. Уларга бу дунёю у дунёда хорловчи ва аламли азоблар тайёрлаб қўйилган.

17. Уларнинг мол-дунёси ҳам, фарзандлари ҳам Аллоҳ азобидан ҳеч нарсани қайтара олмайди. Улар дўзах эгаларидир, улар унда мангу қолишади.
Мунофиқлар на тўлиғича мусулмондирлар, на кофирдирлар. Чунки уларнинг дилларида кофирлик бордир, тилларида мусулмонмиз, дейишади. Аллоҳ таоло уларнинг ана шу иккиюзламачиликлари, алдов ва ёлғонлари эвазига охиратда улар учун энг хорловчи жазоларни тайёрлаб қўйган, улар дўзахнинг энг чуқур жойида азобланишади. Чунки улар дунё ҳаётида мунофиқликлари билан жуда кўп инсонларни Аллоҳнинг динидан қайтаришгани учун ана шундай энг оғир жазога гирифтор бўлишади. Уларнинг дунё ҳаётида тўплаган мол-дунёлари ҳам, ишонган фарзандлари ҳам Аллоҳнинг аламли азобларидан қутқара олмайди. Улар албатта дўзахга тушишади ва унда абадий азобда қолишади.

18. Аллоҳ уларнинг барчасини қайта тирилтирадиган Кунда улар худди сизларга қасам ичаётганларидек Унга ҳам қасам ичишади ва бирор нарсага эришамиз, деб ўйлашади. Огоҳ бўлингки, уларгина айнан ёлғончидирлар.
Яъни, мунофиқлар дунёда мусулмонлар ҳузурида ёлғондан қасам ичиб, моллари ва жонларини асраб қолишга ўрганишган эди. Улар ўзларини жуда доно ва тадбирли санаб, охиратда ҳам ана шундай ҳийлалар билан жонимизни азобдан асраб қоламиз, деган хом-хаёлга боришади. Ҳолбуки, қиёмат куни уларнинг бу найранглари ўтмайди. Қиёмат кунининг подшоҳини алдаб бўлмайди. Шу сабабли мунофиқлар ўша Кунда шармандайи шармисор бўладилар. Ўзлари ўйлаган нарсалардан бирортасига ҳам эриша олмайдилар.
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби хусусида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳужраларидан бирининг соясида мусулмонлар билан суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Соя қисқариб қолган пайтда у зот: «Ҳозир бир инсон келиб, сизларга шайтон кўзи билан қарайди. Келганда, у билан гаплашманглар, дедилар. Бир оз вақт ўтиб, ранги хунук бир киши келди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари чақирдилар ва: “Нима учун сен, фалончи ва фалончилар мени сўкдиларинг?» деб, уларнинг исмларини айтдилар. Ҳалиги одам қайтиб кетди ва шерикларини чақириб келди. Улар: «Сизни сўкканимиз йўқ», деб қасам ичишди ва узр айтишди. Аллоҳ уларнинг ёлғончиликларини фош қилиб, «...фа яхлифууна лаҳуу...» оятини нозил қилди» (Аҳмад ривояти).

19. Шайтон уларни эгаллаб олган ва уларга Аллоҳнинг зикрини унуттирган. Ана ўшалар шайтоннинг гуруҳидир. Огоҳ бўлингки, шайтоннинг гуруҳи албатта зиён кўрувчилардир.
Ёмон хаёлларнинг келиши қалбда имон борлигининг аломатидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан васваса ҳақида сўрашганида, “Инсон қалбига васвасанинг келиши унда холис имон борлигининг аломатидир. Қалбга васваса келгани боис инсон тушкунликка тушмаслиги керак”, деган. Имдодуллоҳ Маккий шундай дейди: “Инсон қалбига васваса қилиш шайтоннинг ишидир. Шайтон имон ўғрисидир. Ўғри бойлик бор уйга тушгани каби шайтон ҳам инсон қалбидаги имонга ўғриликка тушади. Унинг ўғрилиги васваса қилиш орқали бўлади. Қалбга келган васваса эса ўша қалбда имон давлати борлигининг аломатидир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бу имоннинг айни ўзидир“, деганлар”.
Уламолардан Шоҳ Кирмоний банда қалбини шайтон қандай эгаллаб олишини шундай таърифлайди: «Бандани шайтон эгаллаб олишининг аломати шулки, уни сиртини ялтироқ қилиш билан машғул қилиб қўяди. Яхши ейиш, яхши ичимлик ичиш, яхши либослар кийишга уринтириб, Аллоҳнинг неъматларига шукр келтиришдан чалғитади. Оқибатда у тилида ёлғон, бўҳтон ва ғийбатни гапиради-ю, Аллоҳнинг зикрини унутади. Ақлини дунё жамлашга ва унинг тадбирини қилишга ишлатади-ю, тафаккурни унутади».

20. Албатта, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилувчилар ниҳоятда хор бўлувчилардир.
Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилувчиларнинг қалбида нифоқ жой олган, уларни шайтон васваса билан йўлдан оздирган, шунинг учун улар Аллоҳга ҳам, Унинг Пайғамбарига ҳам ҳамиша хусуматда бўлишади. Аллоҳ таоло ана шундай мунофиқ кимсаларни икки дунёда ҳам хор айлайди, охиратда эса уларга аламли ва хорловчи азоблар тайёрлаб қўйилган.

21. Аллоҳ: «Албатта, Мен ва пайғамбарларим ғолиб бўлажакмиз», деб ёзиб қўйган. Албатта, Аллоҳ кучлидир, қудратлидир.
Яъни, Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши чикувчилар борки, ҳаммаси Ҳақ ва садоқатга душмандир. Аммо уларнинг душманлиги ҳеч қаерга бормайди, улар асло зафарга эришмайди. Чунки Аллоҳнинг ҳукми илоҳийсига биноан доимо Аллоҳ ва Унинг пайғамбарлари ғалаба қилаверади. Аллоҳга ва Унинг Расулига душманлик қилувчилар эса хор бўлаверишади. Шунинг учун мўминлар Аллоҳ ва Унинг Расулига душманлик қилувчилар билан дўст тутинмасликлари лозим.

22. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадиган қавмнинг Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилувчиларга гарчи улар ўз оталари ёки фарзандлари ёки ака-укалари ёки қариндош-уруғлари бўлса ҳам, дўстлашаётганларини кўрмайсиз. Айнан ўшаларнинг қалбларида имонни собит қилган ва уларни Ўз ҳузуридан бир руҳ билан қўллаган. Уларни остларидан анҳорлар оқиб турган, унда мангу қолинадиган жаннатларга киритади. Аллоҳ улардан рози, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлишади. Айнан ўшалар Аллоҳнинг гуруҳидир. Огоҳ бўлингларки, Аллоҳнинг гуруҳигина албатта нажот топувчидир.
Яъни, Аллоҳга ва охират кунига имон келтирганлар имонларини дўстлик-валийлик ришталаридан ҳам устун кўришади, Аллоҳ ва Унинг Расулига душманлик қилувчиларни асло дўст тутишмайди. Имон тақозосига кўра, мўмин-мусулмон учун Аллоҳнинг дўсти дўст, Аллоҳнинг душмани душмандир. Бундай мўминларни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Аввало, уларнинг қалбида имонни собит қилади, уларни Ўз ҳузуридан бир руҳ билан қўллайди. Бинобарин, бу дунёда уларнинг қалбларида имон доимо мустаҳкам бўлади ва Аллоҳ таоло уларни доимо Ўз нусрати ила қўллаб-қувватлаб туради. Охиратда эса бундай мўминларга остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатлар бордир. Булардан ҳам олийси охиратда бундай мўминлар учун Аллоҳнинг розилиги бордир.

Орқага Олдинга