loader

019. Марям сураси

Тўқсон саккиз оятдан иборат бўлган ушбу сурайи карима Маккада нозил қилингандир. Бу сурада ҳам бир қанча пайғамбарлар қиссалари зикр қилинади. Бошлаб улуғ ёшдаги Закариё ва унинг туғмас кампири кексалик чоғларида кўрган фарзандлари Яҳё ҳақида хабар берилади, сўнгра энг ажиб ва ғариб қисса - Марям алайҳас-салом ва унинг беота дунёга келган ва бешикда ётган чоғидаёқ тилга кириб ўзининг кимлигини айтган фарзанди - Ийсо алайҳис-саломнинг қиссаси ҳикоя қилинади ва Яратган наздида бу осон иш эканлиги таъкидланади. Суранинг «Марям» деб номланишига ҳам сабаб шудир.
Яна бу сурада Оллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Иброҳим, Исҳоқ, Яъқуб, Мусо, Ҳорун, Исмоил, Идрис ва Нуҳ алайҳимус-саломнинг номлари ҳам зикр қилиниб, уларнинг барчалари бир занжирнинг ҳалқалари эканликлари, яъни, Ягона Оллоҳ таолонинг Динига даъват этганликлари яна бир бор эслатиб ўтилади.
Шунингдек, ушбу сурада Қиёматнинг айрим манзаралари, у Куннинг даҳшатлари - жаҳаннамга ташланишларини кутиб тиз чўкиб турган кофирларнинг аҳволи Илоҳий қалам билан чизиб берилади. Лекин У Зот-нинг Ёлғиз Оллоҳга бандалик қиладиган кишиларга бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам раҳм-шафқатли эканлиги таъкидланиб, суранинг бир неча ўринларида Оллоҳ калимасининг ўрнида У Зотнинг Буюк Сифатларидан бўлмиш Раҳмон - Меҳрибон калимаси қўлланади.
Сура ниҳоясида Оллоҳ таолонинг фарзанд ва шерикдан Пок - тенги йўқ Зот экани яна бир карра уқтириб ўтилади.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Коф, Ҳо, Ё, Айн, Сод.
Ушбу сурайи карима ҳам юқорида ўтган ва қуйида келадиган айрим суралар каби «хуруфи муқаттаот», яъни, маънодан узилган ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланди. Аксари муфассирлар шундай дейдилар. Аммо уламолар орасида ушбу ҳарфларга маъно айтганлари ҳам бор. Масалан, “Жомиул-баён”, “Дуррул-мансур” ва “Маолимут-танзийл” тафсирларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, “Коф” ҳарфи Кофин лихалқиҳи - барча махлуқотига Кифоя қилгувчи, “Ҳо” ҳарфи Ҳодин лиибадиҳи - бандаларини Ҳидоят қилгувчи, “Ё” ҳарфи ядуҳу фавқо айдийҳим - Унинг Қўли уларнинг қўллари устидадир, “Айн” ҳарфи олимун биҳимуларни жуда яхши Билгувчи ва “Сод” ҳарфи Содиқун фий ваъдиҳи Ўз ваъдасига Вафодор деган маъноларга далолат қилади.
Яна Ибн Аббос розияллоху анҳумодан : “Коф Ҳо Ё Айн Сод харфлари биргаликда Оллоҳ таолонинг Улуғ Исмларидан биридир”, деган ривоят ҳам бор. Худди шу тафсир Алий каррамаллоҳу важҳахудан ҳам ривоят қилинган.
Қатода раҳимаҳуллоҳ эса, ушбу ҳарфлар Қуръон исмларидан биридир”, деб тафсир қилади. (“Тафсири Бағавий”дан). Яна ушбу ҳарфлар жамланган Ҳолида суранинг номидир, деган уламолар ҳам бор.

2. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, ушбу қисса) Парвардигорингизнинг Ўз бандаси Закариёга қилган Марҳамати зикридир - қиссасидир.
Ушбу ояти каримадан бошланадиган Закариё алайҳис-салом ҳақидаги қисса аслан Оллоҳ таолонинг солиҳа ва покдомон чўриси Марям ҳақида сўзланадиган қиссанинг муқаддимасидир. Чунки Имрон хонадонида таваллуд топган Марям Оллоҳ таолонинг иродаси билан гўдаклик чоғидан Закариё алайҳис-салом тарбиясида вояга етди. Бу ҳақда бошқа бир сура оятларида хабар берилади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этилган ҳолида Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен Эшитгувчи, Билгувчисан», деганини эсланг!” (Ол-и Имрон сураси, 35-оят).
Ушбу оятда зикр қилинган Имрон, барча муфассирлар наздида, Марямнинг отасидир. Ривоят қилишларича, Имрон ва Закариё алайҳис-салом опа-сингилга уйланган эдилар. Закариёнинг аёли Ашёъ бинти Қафузо, Имроннинг аёли эса Ҳанна бинти Қафузодир. Айтиб ўтилганидек, бу уруғ-авлод Оллоҳ таоло ҳузурида қадр-мартабали хонадонлардан эди. Имрон билан турмуш қурган Ҳанна анча йиллар ўтсада, фарзанд кўрмаганди, бир куни у дарахтзорда бир қуш ўз боласини таомлантираётганини кўриб қолади ва кўнглида фарзанд кўриш истаги яна жўш уриб, Оллоҳдан ўзига бир бола ҳадя қилишини сўраб дуо қилади ва: “Оллоҳим, агар сен менга фарзанд ато этсанг, албатта мен уни Байтул-мақдисга - Муқаддас Уйга назр қилурман, у ўша уйнинг хизматкорларидан бўлади”, дейди. Шундан кейин Оллоҳ таолонинг Иродаси билан юкли бўлиб қорнидаги ҳомиласини ўзи ваъда қилганидек муҳаррар - дунё ишлардан озод, фақат ибодатхона хизматкори бўлсин деб назр қилади ва Оллоҳдан ушбу назрини қабул қилишини сўрайди. Бани Исроил қавмининг қадим-қадимдан давом этиб келадиган одати бўйича муҳаррар бўлган бола то балоғат ёшига етгунча қиладиган иши ибодатхонадан бир қадам ҳам чиқмасдан уни супуриб-сидириб, жамийки хизматларини қилиб юради. Балоғатга етганидан кейин эса унга ихтиёр берилади - истаса, ибодатхонада умрининг охиригача қолади, истаса, хоҳлаган тарафига қараб кетаверади, аммо унга ихтиёр берилган пайтида ибодатхонада қолишни танлаган бўлса, кейин унга ҳеч қачон у жойдан чиқиш рухсати берилмайди.
Бани Исроил пайғамбарлари ва уламоларидан ҳар бирининг наслидан албатта Байтул-Мақдис хизматини қиладиган бир муҳаррар бўлар эди. Муҳаррарлар фақат ўғил болалар бўлиб, қизлар маълум вақтларда ҳайз кўриб, нопок бўлганлари учун ибодатхона хизматига қабул қилинмас эдилар. Ҳанна ҳомиласини Оллоҳ Йўлига назр қилганини эшитган Имрон хотинига: “Нима қилиб қўйдинг?! Қорнингдаги нарса агар қиз бўлса муҳаррарлик хизматига ярамайдику”, деб дашном беради ва икковлари ҳам ташвишга тушиб қоладилар. Аммо ҳали фарзанд дунёга келмасдан туриб унинг отаси Имрон ҳалок бўлади.
Кўзи ёригач эса бундай деди: «Парвардигор, мен қиз туғдим». - Ҳолбуки, Оллоҳунинг нима туққанини Билгувчироқдир ва (ҳар қандай) ўгил бу қиз каби (яъни, бу қизнинг ўрнини босгувчи) эмасдир. - «Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан». (Ол-и Имрон сураси, 36-оят).
Шундай қилиб, ўғил фарзанд кутаётган Ҳанна қиз кўрганини билгач, “Парвардигор, мен қиз туғдим”, дейди. Албатта ҳар бир нарсани кўриб, эшитиб, билиб тургувчи Оллоҳ таолога унинг қандай фарзанд кўргани жуда яхши маълум эди. Аммо Ҳанна фақат ўғил кўришни ўйлаганди, шунинг учун ҳам у ўзи Оллоҳга назр қилган, ҳали дунёга келмаган фарзандини “муҳаррара” эмас, балки эркак жинсида “муҳаррар” деб атаганди. Унинг ўйлагани бўлмагач, ибодатхона хизматига қизлар қабул қилинмас-лигини билганидан ҳасрат билан “Қиз туғдимку”, деб қолди. У қорнидаги ҳомиласи нима эканини билмагани каби туққан қизи ўғилдан яхшироқ қиз эканини, Оллоҳ таолонинг энг покиза ва тақволи чўриси эканини, бу қиз келажакда бир улуғ пайғамбарга она бўлишини ҳам албатта билмас эди. У Ҳақ таолога сиғиниб, қизи Марямга ва ундан дунёга келадиган зурриётга малъун шайтоннинг шарридан паноҳ беришини тилаб дуо қилди, Оллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. У зот: “Одам болаларидан дунёга келадиган ҳар бир болани туғилаётган пайтида албатта шайтон ушлайди, шунинг учун ҳам чақалоқ шайтондан қўрқиб қичқиради. Фақат Марям ва унинг ўғлигагина шайтон тегмаган” дер эдилар”. (Бухорий ва Муслим ривояти).

3-4. Ўшанда, у Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб, деган эди: «Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим - сочим оқарди. Парвардигорим, мен Сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман.
Ўшанда, яъни, Закариё Марямнинг тақвосини, бутунлай тоат-ибодатга берилганини ва Оллоҳ таоло унга беҳисоб неъматлар ато этганини кўргач, У Қодир Зот Марямнинг дастурхонини қишда ёз мевалари билан тўлдирганига гувоҳ бўлгач, умрининг қиш фасли яқинлашиб қолган бу инсон, (бир ривоятга кўра ўшанда Закариё бир юз йигирма ёшда, кампири эса бир кам тўқсонда эди), Оллоҳ таолонинг мана шу солиҳ бандаси кўнглида фарзанд кўриш истаги уйғонди ва Парвардигордан унга ҳам Марям каби бир солиҳ фарзанд ато этишини сўраб дуо қилди, “Парвардигорим, Ўзинг аҳволимни Билгувчисан, дуоларимни Эшитгувчисан”, деб илтижо қилди. Ўзидан кейин ҳаққига дуолар қилгувчи фарзанд қолишини орзу қилди.
Ояти каримада хабар берилишича, Закариё алайҳис-салом Парвардигорига яширинча дуо-илтижо қилди. Зотан, бу Раббул-оламийннинг Амридир: “(Эй мўминлар), сизлар Парвардигорингизга тазарруъ билан ичингизда дуо-илтижо қилингиз!” (Аъроф сураси, 55-оят).
Улуғ тобеинлардан Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳу: “Яширин дуо ошкор овоз чиқариб қилинган дуодан етмиш баробар ортиқдир. Илгари мусулмонлар (Демак, саҳобайи киром) жуда берилиб дуо қилар эдилар, аммо овозлари мутлақо эшитилмасди, фақат Парвардигорга ялиниб, яширинча шивирлаганларигина қулоққа чалинарди. Чунки Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло: “(Эй мўминлар), сизлар Парвардигорингизга тазарруъъ билан ичингизда дуо қилингиз”, деб буюргандир”, дейди.
Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтди: “Биз Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Хайбар ғазотида бўлганимизда одамлар бир водийда тўпланиб, овозларини кўтариб такбир-таҳлил айтиб (яъни, “Оллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ”, деб) дуо қила бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй инсонлар, ўзларингизни босинглар, сизлар эшитмайдиган, олисдаги бировни чақираётганларингиз йўқ, балки Эшитгувчи, Яқин Зотга дуо қилмоқдасизлар, У сизлар билан биргадир”, деб танбеҳ бердилар”.
Уламолар орасида Закариё алайҳис-саломнинг яширинча дуо қилишининг бошқа бир важҳи ҳам бор. У кексайиб қолган чоғида Яратгандан фарзанд сўраганини одамлар эшитиб маломат қилиб юрмасинлар деб яширинча дуо-илтижо қилган эди, деган кишилар ҳам бор. (“Тафсири Куртубий”дан).
Дуо қилар экан, Закарий Яратганга ўз аҳволидан шикоят қилиб, ниҳоят даражада қариб қолгани, баданининг устуни бўлган устихони мўртлашиб, тишлари тўкилиб кетгани ва соч-соқолида биронта қораси қолмай оқариб битгани ҳақида арз қилди ҳамда Роббим, мен сенга қачон дуо қилган бўлсам, бирон марта ноумид бўлмаганман, албатта дуо-илтижойимни ижобат қилгансан, деб ушбу дуоси ҳам қабул бўлишидан умидворлигини айтиб,сўзида давом этди -

5-6. Мен ортимдан (яъни, дунёдан ўтганимдан кейин келадиган), қариндош-уруғларим (сенинг динингни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен Ўз даргоҳингдан менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр бўладиган бир дўст (яъни, фарзанд) ҳадя этгин ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қилгин».
Аксари уламоларнинг айтишларича, ояти каримада зикр қилинган мерос мол-дунё мероси эмасдир. Чунки пайғамбарлар меросхўрларига дунё матоларини мерос қилиб қолдирмайдилар. “Саҳиҳайн”да ривоят қилинган ҳадиси шарифларида Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, биз, пайғамбарлар жамоаси мерос қолдирмаймиз. Қолдирган нарсамизнинг барчаси садақадир”, дедилар. Абу Довуд ривоят қилган ҳадиси шарифларида эса: “Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар мерос қилиб тилло-кумуш қолдирмадилар, улар илмни мерос қилиб қолдирдилар”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Куртубий”дан).
Демак, Закариё алайҳис-салом ўзи ниҳоят даражада кексайган, хотини ҳам кексалик сабабли туғмас бўлиб қолган чоғида, ортида қоладиган мол-дунёси ўзидан кейин талон-тарож бўлиб кетишидан қўрққани учун эмас, балки вафот қилганидан сўнг қавму қариндошлари Оллоҳ таолонинг динини зое қилишларидан, унга турли-туман ўзгартиришлар киритишларидан қўрққани учун ўзига бобоси Яъқуб алйҳис-саломдан мерос бўлиб келаётган диннинг ҳимоячиси бўладиган ва Яратганнинг Ризосига эришадиган бир меросхўр фарзанд ҳадя этишини сўраб илтижо қилди.
Чунки у, бани Исроил қавми Мусо алайҳис-саломдан кейин Оллоҳ таолонинг Китоби бўлмиш Тавротга қандай ўзгартиришлар киритганларига ва қанчадан-қанча пайғамбарларни қатл қилиб юборганларига гувоҳ бўлган эди. (Ушбу тафсирни Ато раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят ҳилган. “Тафсири Бағавий”).
Ушбу ояти карима оила қуриш, Оллоҳ таолодан фарзанд сўраш пайғамбарларнинг, солиҳ кишиларнинг суннати эканига бир далилдир. Ҳақ таоло яна бошқа бир ояти каримада Ўзи суйган бандаларининг сифатларини санар экан, шундай дейди: “Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир”. (Фурҳон сураси, 74-оят).
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноби Расулулллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир киши вафот қилса-ю, ортида яхши зурриёт қолдирган бўлса, унга фарзандлари қилган яхши амалларининг ажри билан баробар ажр ато этади, аммо уларнинг ўзлари-га бериладиган ажридан бирон нарса камайтирмайди”, деб марҳамат қилганлар.
Ушбу мавзуда келган оят ва ҳадислар яна киши Оллоҳ таолодан фарзанд-зурриётлари ҳаққига яхши дуолар қилиши, уларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилишини сўраши, дунё ва Охиратда уларнинг ишларига баракотлар, ажрлар тилаши вожиб эканига далолат қилади.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг фарзандларидек бўлиб қолган ходимлари Анас розияллоҳу анҳунинг ҳаққига дуо қилиб: “Оллоҳим, унинг молини ва болаларини кўп қилгин, Ўзинг унга баракотлар ато этгин”, деганлар.
Шундай қилиб олис ўтмишда Закариё алайҳис-салом Парвардигор хазинасидан бир фарзанди солиҳ тилади ва У Зот Ўзининг солиҳ бандаси қилган дуони мустажоб этганини билдириб, деди -

7. «Эй Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмиз, унинг исми Яҳёдир, Биз илгари унга бирон (кимсани) отдош қилган эмасмиз».
Ушбу ваҳйи Илоҳий Закариё алайҳис-саломга малоикалар орқали етказилди. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам баён қилинади: “Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: «(Эй Закариё), Оллоҳ сенга Оллоҳнинг Сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмининг) улуғи, (шаҳватлардан ўзини) тиювчи ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини берур”. (Ол-и Имрон сураси, 39-оят).
Яъни, Закариё алайҳис-салом Оллоҳ таолога муножот қилиб намозда турар экан, ҳузурига Жаноби Ҳақнинг Амри билан Жаброил алайҳис-салом келди ва унга Яҳё исмли бир ўғил хушхабарини берди. Оллоҳ таоло уни Яҳё деб атади. Бу сўз “тирик қалбли” деган маънони билдиради. Дарҳақиқат, Ҳақ таоло Яҳёнинг қалбига иймон ва тоат билан ҳаёт кечириш неъматини ато этди. У дунёдан бирон гуноҳга қадам босмаган ҳолда ўтди. Унинг сифатларидан энг аввалгиси: “Оллоҳнинг Сўзини тасдиқ этув-чи”, эканидир. “Оллоҳнинг Сўзи”дан мурод бу ўринда Ийсо ибни Марям-дир. Чунки у зот Қуръони Карим хабарига кўра Оллоҳ таолонинг: “Бўл”, деган Сўзи - Фармони билан онаси Марям вужудида отасиз пайдо бўлган. Яҳё Ийсодан ярим ёш - олти ойлик катта бўлиб, Ийсо алайҳис-саломга биринчи бўлиб иймон келтирган.
Яҳёнинг яна бир сифати - у ўз қавмининг саййиди - улуғи эканидир. У туғилиб, вояга етгач, қавмига етакчи бўлиб, тобе ва ёрдамчиларга эга бўлади.
У бутун умри давомида ҳеч ҳаёт роҳатларини ўйламай, фақат тоат-ибодат билан машғул бўлгани учун гарчи ўзи уйланишга - жинсий ҳаётга қодир бўлса-да, ўзини тийиб уйланмасдан - аёл кишига яқинлашмасдан ўтади.
Ва ниҳоят Яҳё алайҳис-саломнинг ушбу ояти каримада зикр қилинган яна бир сифати - у ҳали дунёга келмасидан Оллоҳ таоло унинг солиҳ пайғамбарлардан бўлиши ҳақида хушхабар беради. Яҳё алайҳис-салом гўдаклик чоғидан гўзал тарбия олиб, Мусо алайҳис-салом келтирган Шариат аҳкомларини пухта ўрганиб, уларга амал қилиб яшайди ва одамлар ундан ҳар қандай диний масъалаларда фатво сўрайдиган бўлишади.
“Тафсири Мунийр”да келтирилишича, худди мана шу илми, аниқроғи, бир масъалага берган жавоби унинг ўлимига сабаб бўлган экан. Ривоят қиладиларки, Фаластин ҳокимларидан бири Ҳирувдаснинг акасини ҳуснда тенгсиз бир қизи бўлиб, унинг исми Ҳирувдия экан. Ана ўша фосиқ ҳоким Ҳирувдас ўз жиянига ишқи тушиб, унга уйланмоқчи бўлади. Қиз ва онаси ҳам бунга рози бўладилар. Фақат Яҳё алайҳис-салом қиз ўз амакисига турмушга чиқиши ҳаром эканини айтиб бу ношаръий ишга қаттиқ қарши туради. Аммо пайғамбарнинг сўзига қулоқ солинмай, ҳоким ўз акасининг қизига уйланади. Тўйда келин куёвнинг олдида ўзининг хусну жамоли, қадди қоматини кўз-кўз қилиб рақс тушар экан, бу ноз-карашмалардан маст бўлган куёв ундан қандай орзуси борлигини сўрайди ва тилаган нарсасини дарҳол бажо қилишга ваъда беради. Шунда келин онаси билан келишиб, куёвдан ўта даҳшатли бир ишни - тўйларига тўсқин-лик қилган Яҳё алайҳис-саломнинг бошини бир товоққа солиб, унга ҳадя қилишини сўрайди! Ва иймонсиз ҳоким амаки - куёв берган ваъдасининг устидан чиқади! Шундай қилиб, ўша олис мозийда инсоният тарихида қора доғ бўлиб қолган мудҳиш фожиа юз беради - Оллоҳ таолонинг улуғ пайғамбарларидан бири ўз қавмининг кўлида қатл қилинади!
Аммо бу фожиадан анча йиллар илгари, бўладиган бу ишлар Ёлғиз Оллоҳтаолодан ўзга ҳеч кимга маълум бўлмаган бир вақтда, ояти карима-да зикр қилинганидек, Закариё алайҳис-салом Яратгандан бир солиҳ фарзанд ато этишини сўрайди ва Ҳақтаоло унинг дуосини ижобат қилиб, унга ўғил кўриши ҳақида хушхабар беради.

8-9. (Закариё) деди: «Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг чекига етиб қолган бўлсам, мендан қандай фарзанд (бунёд) бўлсин?» (Оллоҳ) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари сени ҳам ҳеч нарса бўлмаган пайтингда яратган эдим-ку (яъни, йўқдан бор қилган эдим-ку)!»
Закариё алайҳис-саломнинг ўзига берилган хушхабардан бундай таажжубга тушиши албатта Оллоҳ таолонинг ҳар ишга Қодир Зот эканига шубҳа қилганидан эмас, балки аксинча Унинг Қудратига лол қолганидан эди. Шунинг учун ҳам у бу хушхабарни келтирган Жаброил алайҳис-саломга эмас, Ҳақ таолога нидо қилиб, тазарруъ ва илтижо қилиб: “Эй Пок Парвардигор, наҳотки Сен менга ва аёлимга мана шу кекса ёшимизда фарзанд кўриш бахтини насиб этган бўлсанг”, деб ҳайратга тушади. Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу солиҳ бандасининг нидосига жавобан Ўзининг хоҳлаган ишини қилишга Қодир эканини, бандалари чин ихлос билан, сидқидилдан дуо қилиб сўрасалар, уларнинг ақллари бовар қилмайдиган мана шундай ва яна ҳар қандай мўъжизаларни ато этиш Унинг учун осон эканини айтади хдмда бу Илоҳий хушхабардан хайратга тушган Закариёга унинг ўзини ҳам йўқдан бор қилганини эслатади. Албатта йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот туғмас хотинни тузатиб кўйишга ҳам Қодирдир. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: “Бас унинг (яъни Закариё-нинг дуосини) мустажоб килдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда унинг учун жуфтини тузатиб (туғмас кампирни бола кўришга қодир қилиб) қўйдик”. (Анбиё сураси, 90-оят).
Шунда Закариё хотини ҳақиқатдан ҳам ҳомиладор бўлганига имкон қадар тезроқ ишонч ҳосил қилиш ҳамда ушбу Илоҳий неъматни ато этгани учун Ҳақ таолога ҳамду санолар айтиш учун яна У Зотга илтижо қилди -

10. «Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги-аломат қилсанг», деди (Закариё). (Оллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга сўзлай олмай қолурсан».
Дарҳақиқат, уч кунгача Закариёнинг тили Оллоҳнинг зикридан ўзга сўзга айланмай қолади. Одамларга эса фақат имо-ишора билан муомала қилди. Яъни, Ҳақ таоло Ўзининг бу солиҳ бандасига Ўзи ато этган солиҳ ўғил учун уч кунгача тинмай, ҳеч ким билан сўзлашмай, кеча-ю, кундуз шукр қилиш имкониятини яратиб беради. Агар ибрат кўзи билан боқсак, ушбу икки ҳодисада - кекса чол ва туғмас кампирнинг фарзанд кўришида ҳамда Закариё одамларга бирон сўз айтишга қодир бўлмагани ҳолда, худди ана ўша уч кун мобайнида ҳам Оллоҳ таолога зикру тасбеҳ айтишга тили аввалгидек бурро бўлиб тураверишида - мана шу икки бениҳоя ажиб ҳодиса ўртасида ўта тиғиз муносабат бордек. Қолаверса, сўзлай олмайдиган дудуқтил “Оллоҳ, Субҳоналлоҳ, Алҳамдулиллоҳ”, деганда равон юриб кетишинингўзи Илоҳий Мўъжиза эмасми?! Ҳақтаолонинг Сўзи Ҳақ эканини тасдиқлайдиган мисолларга биз оддий инсонлар ҳам такрор-такрор дуч келамиз. Масалан, биз, сўзлаганда доим дудуқланиб, тили ту-тилиб қийналадиган икки биродаримизнинг Қуръонни ҳар гал равон тил билан тиловат қилганларига шоҳидмиз, бошқалар ҳам бундай ибратли ҳолатларга кўп марта гувоҳ бўлганларини сўзлайдилар.
Жаноби Ҳақнинг Ҳақ Каломида келган ва инсонлар ҳаётида қайта-қайта кўзга ташланадиган бу буюк оят ва аломатларни кўрган иймонли, инсофли инсонлар чиқарадиган ўта табиий ва адолатли хулоса шуки, би-ринчидан, Қуръон одамнинг сўзи эмас, балки Оллоҳнинг Каломидир, шунинг учун бошқа сўзларни сўзлашга тутилган тил Қуръон ўқиганда тутилмайди. Иккинчидан, ўрганаётганимиз ояти карима мазмунидан маълум бўладики, Оллоҳ таолони кеча-ю кундуз зикр қилиш, У Зотни ҳар қандай камчилик-нуқсондан Пок эканини эътироф этиш - тасбеҳ айтиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг зиммасидаги фарз бўлиб, ҳатто, эътибор берайлик, ҳатто соқовдан ҳам соқит бўлмайди. Биз мўмин-мусулмонлар қаерда, қандай ҳолатда бўлмайлик, Оллоҳ таолони зикр қилиб, тасбеҳ айтишга буюрилганмиз. Бошқа ибодатлар учун айрим шарт-шароитлар зарур бўлгани ҳолда - масалан Мусҳаф - Қуръонни ушлаш, намоз ўқишда таҳоратли бўлиш шарт - зикру тасбеҳ ҳеч қандай алоҳида шартсиз, юр-ганда ҳам, турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам айтилаверади. Оллоҳ таолонинг Пок Номи зикр қилинмайдиган биргина жой бор. Киши хожатга кирганида, то у жойдан чуққунича зикр қилиши мумкин эмас. Балки шунинг учундир, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам хожатдан чиққанларида доим: “Ғуфронака - Оллоҳим, Ўзинг кечиргин”, деб, ўша жойда бўлган муддатда Оллоҳни зикр қила олмаганлари учун Яратгандан кечирим сўрар эканлар. Ушбу ҳадиси шариф мазмунини чуқурроқ ўйлаб кўрилса, беихтиёр киши хаёлига тиллари ҳар қандай сўзларни айтишда булбули гўё бўлгани ҳолда бир умр Оллоҳ демасдан ўтиб кетадиган айрим одамлар умрларини Оллоҳ таоло номини зикр қилиб бўлмайдиган жойда ўтказиб юбормаяптиларми, деган ўйлар келади.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий айтади: “Агар бирон кимсага Оллоҳни зикр қилишни тарк этишга рухсат бўлганида, у ҳолда Закариёга сўзлай олмай қолган кунларида зикр қилмасликка рухсат берилган бўлар эди. Ҳолбуки Ҳақ таоло: “(ана ўша кунларда ҳам) Парвардигорингни кўп зикр қил ва туну кун У Зотни поклаб (ибодат қил)!” деб буюради. Шунингдек, уруш пайтида зикр қилмасликка рухсат берилган бўлар эди. Ҳолбуки Ҳақ таоло: “Эй мўминлар, (сизлар билан жанг қилаётган кофир) жамоатга рўбару бўлганингизда саботли бўлингиз ва Оллоҳни кўп зикр қилингиз, шояд нажот топурсизлар”, (Анфол сураси, 45-оят) деб буюради”.

11. Бас, (Закариё) меҳробдан - ибодатгоҳидан ўз қавмининг олдига чиқиб, уларга эрта-ю кеч (Оллоҳни) поклаб - тасбеҳ айтинглар деб ишора қилди.
Дарҳақиқат, Закариё алайҳис-салом уч кунгача тасбеҳ ўгириш ва Таврот тиловат қилишдан бошқа нарсага тили айланмай қолади ва ибодатхонага келган кишиларга ҳам фақат имо-ишора билан панд-насиҳат қилади. Сўнг вақти-соати етиб Яҳё алайҳис-салом дунёга келгач, Оллоҳ таоло унга гўдаклик чоғидаёқ ваҳий юборади. Қуйидаги оятларда шу ҳақда ҳикоя қилинади.

12. (Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни, Тавротни) маҳкам ушлагин», (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат - пайғамбарлик ато этдик.
Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, Яҳё алайҳис-саломга уч ёшлик гўдак чоғида ҳикмат, яъни, пайғамбарлик ато этилган эди.
Шунинг учун болалар унга “Кел, ўйнаймиз”, десалар, “Мен ўйин-кулгу учун яралган эмасман”, деб жавоб берар эди. Ушбу оят тафсирида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам: “Одам болаларининг барчаси Қиёмат Кунида ўзининг гуноҳи билан келади, фақат Яҳё ибн Закариё томонидан қилинган ишлар орасида ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди”, деб марҳамат қилди-лар. Қатода раҳимахуллоҳ: “Яҳё алайҳис-салом Оллоҳ таолога ҳеч қачон на кичик, на катта гуноҳ қилмаган ва бирон аёлга шаҳват назари билан боқмаган”, дейди. (“Тафсири Қуртубий” дан).

13-14. Яна (унга) Ўз даргоҳимиздан меҳр-шафқат ва (гуноҳлардан) поклик (ато этдик). У тақволи бўлди. У ота-онасига яхшилик қилгувчи - меҳрибон фарзанд бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди.
Ояти каримада зикр қилинган “меҳр-шафқат”, муфассирларнинг айтишларича икки маънога далолат қилади. Биринчи маъно: Биз унга Ўз ҳузуримиздан буюк меҳр-шафқат ато этдик, иккинчиси: Биз унинг қалбида ота-онасига ва бошқаларга меҳр-шафқат пайдо қидик. Яна биз унга шундай поклик ато этдикки, у бутун умри давомида бирон гуноҳ билан кирланмасдан ўтди. У ҳақиқий тақво эгаси бўлиб, Оллоҳтаолога бенуқсон ибодат қилди, шунингдек, ота-онасига доимо яхшилик билан итоат қилди, уларни бирон марта норози қилмади. Чунки у ота-онасига жабру ситам қилгувчи оқпадар ёки Оллоҳ таолога ибодат қилишдан орланадиган осий эмас эди.
Мўмин банда учун Оллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги энг улуғ вазифа ота-онага яхшилик қилиш бўлгани сабабли ушбу оятларда Яҳё алайҳис-саломнинг тақволи покиза инсон ва ота-онасига доимо яхшилик қилгувчи солиҳ фарзанд бўлгани ёнма-ён зикр қилинди. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган эди: “ (Эй инсон), Парвардигоринг сизларга Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди”. (Ал-Исро сураси, 23-оятдан).

15. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (Қиёмат) Кунида ҳам омонлик бордир (яъни, у туғилиш машаққатидан, ўлим азобидан ва Қиёмат Кунида дўзахга тушиш хавфидан омондир).
Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон учун энг даҳшатли ҳолат учтадир, улардан биринчиси, инсон онадан туғиладиган кун бўлиб, у илк бор ўзини мутлоқо нотаниш бўлган жойда кўриб, беқиёс даҳшатга тушади, иккинчиси, унинг вафот қиладиган кунидирки, у кунда ҳам инсон ўзи илгари мутлақо кўрмаган қавмни - ўлим фаришталарини кўриб бениҳоя қўрқувга тушади, учинчиси, унинг яна қайта тириладиган кунидир. У Кунда ҳар бир инсон мисли кўрилмаган даҳшатли манзарага рўбарў бўлади. Ояти каримада Ҳақ таоло солиҳ бандаси Яҳё алаҳис-саломни ана ўша уч куннинг даҳшатларидан омонда эканлиги ҳақида хабар беради”.

16-17. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ушбу Китобда (яъни, Қуръон-да) Марям (қиссаси)ни зикр қилинг: У ўз аҳли-оиласидан четга - кун чиқар томонга бориб, улардан парда ортига беркиниб олган пайтида Биз унга Ўз Руҳимиз - (яъни, Жаброил)ни юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун одам бўлиб кўринди.
Юқорида Закариё алайҳис-салом қиссаси баён қилинганидан сўнг, энди Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ушбу сурайи кариманинг бир неча оятларида Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга мана шундай хитоб қилиб, солиҳа чўриси Марям ҳамда солиҳ бандалари ва пайғамбарлари Иброҳим, Мусо, Исмоил ва Идрис алайҳимус-саломнинг Қуръонда зикр қилинган қиссаларини мўминларга сўзлаб беришни буюради. Аввалги қисса Оллоҳ таолонинг мужассам иффат бўлган покдомон чўриси Марям бинти Имрон ҳақида бўлиб, суранинг 2-ояти тафсирида баён қилиб ўтганимиздек, бу қиз онаси Ҳанна томонидан Байтул-мақдис - Муқаддас Уйга назр қилиб берилган эди. Кунлардан бирида у ёлғиз ҳолда ибодат қилиш учун ибодатхона аҳлидан четланиб, Байтул-мақдиснинг кун чиқар томонидаги бир ҳужрада яшириниб эл кўзидан четда тоат-ибодатга машғул бўлган пайтида Ҳақ таоло унинг ҳузурига Ўзининг муқарраб фаришталаридан бўлмиш Жаброил алайҳис-саломни баркамол ва ниҳоятда кўркам бир йигит суратида юборди. “Танвийрул-азҳон” тафсирида Оллоҳ таоло нозил қилган Илоҳий ваҳийни Унинг элчи ва пайғамбарларига етказиш вазифасини адо қилгувчи бу улуғ фаришта Руҳ деб номланишига сабаб, унинг моддий эмас, балки руҳоний мавжудот бўлганлигидир, шунингдек, Оллоҳ таолонинг Дини ўша буюк фаришта билан, яъни, у пайғамбарларга етказган ваҳий билан ҳаёт бўлганлиги учун ҳам Ҳақ таоло уни Диннинг Руҳи - жони деб шарафлари, дейилади. Бошқа бир оятда у Рухул-Амин - Ишончли Руҳ деб ҳам аталади: “(Эй Му-ҳаммад алайҳис-салом), Сиз (Охират азобидан) огоҳантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Амин - Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди”. (Шуаро сураси, 193-195-оятлар).
Нурдан яралган, саҳиҳ ҳадисларда хабар берилишича, бениҳоя баҳайбат фариштанинг Марям кўз ўнгида оддий инсон бўлиб гавдаланиши бир Ҳикмати Илоҳий бўлиб, қиз уни кўрганида даҳшатдан ўзини йўқотиб, сўзларни англай олмайдиган ҳолга тушиб қолмаслиги учун эди. Лекин умри бино бўлганидан буён бирон бегона эркакни ёлғиз ҳолида кўрмаган бечора қиз ҳеч ким йўқ жойда дафъатан пайдо бўлиб қолган нотаниш кишини кўриб қаттиқ қўрқиб кетди ва -

18. «Мен сендан паноҳ беришини сўраб Раҳмонга (яъни, Оллоҳга) илтижо қилурман. Агар (Оллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг, (менга зиён етказмагин),» деди.
Ушбу сўзлар Марям алайҳис-саломнинг қанчалар тақволи ва покиза қиз бўлганига яна бир равшан далилдир. У рўбарўсида дафъатин пайдо бўлиб қолган бениҳоя хушсурат йигитни кўрган вақтида бир лаҳза ҳам унинг суратига маҳлиё бўлиб қолмади, балки фақат бир нарсани - ўз иффатини сақлашни ўйлади ва: “ Агар сен Раҳмонни тан олгувчи мўмин бўлсанг, мен Ўша Зотга илтижо қилиб сендан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман, бас, агар сен Оллоҳ таолодан қўрқувчи тақво эгаси бўлсанг, менинг йўлимни тўсмагин, бу жойдан пок ҳолимда чиқиб кетайин”, деди. У Раҳмон - Меҳрибон Оллоҳ номини тилга олиш билан рўбарўсида турган йигитга Яратганни эслатмоқчи, тақволи инсон албатта У Зотдан қўрқиши лозимлигини уқтирмоқчи бўлди. Чунки тақволи инсон Оллоҳ номи зикр қилинганида албатта панд-насиҳатни қабул қилади ва Ундан қўрқади, фосиқ-итоатсиз кимсани эса, султон номини тилга олиб қўрқитилади, мунофиқни бўлса, одамларга айтиб шарманда қилиш билан қўрқитилади.
Албатта Жаброил алайҳис-салом қизнинг аҳволини тушунди ва дарҳол унга ўзининг кимлиги ва қандай вазифа билан келганини етказишга шошилди -

19. (Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат Парвардигорингнинг элчисидирман, холос. Мен сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (юборилдим)”.
Яъни, мен сен ўйлаганингдек қўлидан ёмон ишлар келадиган кимсалардан эмасман, балки мен ўша сен илтижо қилган Парвардигоринг юборган бир элчидирман, холос. Менинг вазифам, Оллоҳтаоло юборган ҳадяни - гуноҳдан маъсум бўлган бир покиза фарзандни сенга етказишдир.
Ривоят қилинишича, Жаброил алайҳис-салом мазкур сўзларни айт-гач, Марямнинг ёқа ва енгига қараб пуфлади. (Ал-Муҳтатаф мин уювнит-тафосийр ва Ат-Тафсирул-Мунийр китобларидан).
Ибн Аббос розиаллоҳу анҳумо айтади: “Жаброил алайҳис-салом бар-моқлари билан Марямнинг кўйлаги енгидан тутиб унинг ичига пуфлаган эди, ўша соатда у Ийсога ҳомиладор бўлди”. (Куртубий Ибн Журайждан ривоят қилган).
Албатта, фаришта Жаброил томонидан амалга оширилган ўша пуфлаш Оллоҳ таолонинг Амри ва Иродаси билан бўлган эди. Шунинг учун ҳам бошқа бир сурада Ҳақ субҳонаҳу ва таоло бу ишни Унинг Ўзи қилганини айтади: “Яна (Оллоҳ иймон келтирган зотлар ҳақида) ўз номусини сақлаган аёлни - Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Ийсога ҳомиладор бўлди)”. (Таҳрим сураси, 12-оят).

20-21. (Марям) деди: «Менга одамзот тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам, мен учун қаёқдан фарзанд бўлур?!» (Жаброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки: «Бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган Раҳмат-Марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир».
Жаброил алайҳис-саломдан бу кутилмаган хабарни - ўзининг она бўлишини эшитган Марям - мужассам иффат бўлган бу бокира қиз бир томондан ҳайратга тушиб, бошқа томондан номус ўтида қовурилиб: Мени бирон инсон у никоҳига олиб яқин бўлмаган бўлса, ўзим бузуқлик кўчасига яқин йўлаган аёл бўлмасам мен учун қаёқдан фарзанд бўлади?” деганида, Жаброил алайҳис-салом унга айтди: “Шундай. Парвардигоринг айтурки: «Бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган Раҳмат-Марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир”. Яъни, Жаноби ҲақЎзининг бу солиҳа, покиза чўрисига Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзи хоҳлаган нарсани Ўзи истаган суратда ва ҳолатда яратишини, бас Ийсони отасиз халқ қилиш Унинг учун осон иш эканини айтди.
Албатта, Одам алайҳис-саломни на ота ва на онасиз дунёга келтирган Зот учун Ийсони отасиз яратиш осон ишдир.
Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган: “Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Оллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди. (Ол-и Имрон сураси, 59-оят).
Ривоят қилинадики, бир гуруҳ насронийлар Пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига келиб: «Нега сен Ийсони: «У ҳам бир инсон, Оллоҳнинг бандаси», деб ҳақорат қиласан! Агар у худо бўлмаганида отасиз туғилармиди?», дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлмайди, деган мазмунда юқоридаги оят нозил бўлди.
Дарвоқеъ, отаси ҳам онаси ҳам бўлмаган Одам алайҳис-саломни ҳеч ким, жумладан насронийлар ҳам “Бу ота-онасиз дунёга келди, демак, у инсон эмас, у худо”, демайдику?! Нега отасиз дунёга келган Ийсони худо демоқдалар?! Албатта, уларнинг бу даъволари мутлақо ботил даъводир.
Хоҳлаган ишини қилишга қодир бўлган Ягона Зот - Оллоҳ субҳонаху ва таоло Ўзининг нақадар чексиз-чегарасиз Куч-Қудратга Эга эканини намойиш қилиб, ҳеч ким, ҳеч қандай йўл билан инкор қила олмайдиган, Ҳидоятга эришган бахтли бандалар эса: “Кудратингга тасанно, Парвардигор”, деб иймонлари янада қувватланадиган Илоҳий Мўъжизаларни халқ қилдики, улардан бири Одамнинг ота-онасиз, тупроқдан яратилиши, иккинчиси, Ҳаввонинг онасиз, Одамдан яратилиши, учинчиси, Ийсонинг отасиз, Марямдан туғилишидир.
Одам ҳам, Ҳавво ҳам, Ийсо ҳам фақат Оллоҳ таолонинг биргина сўзи - “Бўл”, деган Фармони билан дунёга келганлар ва ҳар уччови Оллоҳнинг бандаларидир. Бу ҳақиқатни магар маймундан тарқаганлар инкор қил-масалар, Одам болалари инкор қилишлари мумкин эмасдир.

22. Бас, (Марям Ийсога) юкли бўлибоқ, ўша (ҳомиласи) билан (фарзанд кўриш учун жой излаб) йироқ бир маконга кетди.
Ибн Аббос розияллоҳу анхумо айтади: “У қавмининг беникоҳ туғибди деб маломат қилишларидан қочиб “Байту лаҳм водийсининг энг олис томонига кетди”. (“Маолимут танзил”тафсиридан).
Яна Ибн Аббосдан ривоят қилинишича, Марямнинг ҳомиладор бўлиши билан кўзи ёриши ўртасида одатдаги тўққиз ойлик муддат ўтмаган, балки унинг ҳомиладор бўлиши қандай мўъжиза тарзида - бирон эркак тегинмасдан содир бўлган бўлса, кўзи ёриши ҳам худди шундай ғайри оддий, яъни, юкли бўлганидан саноқли соатлар ўтибоқ рўй берди. Ояти каримадаги икки воқеанинг пайдар-пай содир бўлганига далолат қилгувчи “фа” - “бас”, калимаси ҳам Марямнинг ҳомиладор бўлибоқ орадан ҳеч қанча муддат ўтмасдан фарзандини дунёга келтириш учун жой излаб ўз қавмидан узоқ бир маконга кетганига далолат қилади.

23. Бас, тўлғоқ (азоби) уни бир қуриб қолган хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, шу (кунимдан) илгари ўлсам-у, бутунлай унутилиб кетган бўлсам эди».
Марям алайҳис-саломнинг ўша ҳолида бундай умидсизликка туши-шига сабаб, қавми унинг айтадиган сўзларига ҳеч қачон ишонмаслигидан қаттиқ хавотирда эди. Куни кеча уларнинг кўз ўнгида тақводор обида бўлган қиз бугун бузуқ аёл саналиб қолишини жуда аниқ тасаввур қилгани учун у ўзига ўлим тилаб мазкур сўзларини айтди. Унинг ўзи гарчи Жаброил алайҳис-саломнинг сўзларини эшитганидан кейин бор ҳақиқатдан хабардор бўлган эса-да, одамлардан ортиқ даражада ҳаё қилгани учун ёки одамлар ўзи ҳақида ноҳақ сўзларни айтиб гуноҳкор бўлишларини истамагани учун “қани эди”, деб, мана шу кун бошимга тушишидан илгари ўлсам-у, одамларнинг ёдларидан бутунлай кўтарилиб кетсам эди, деб орзу қилди.
Биби Марям ўша соатда жуда очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эди. Сув йўқ, емиш йўқ, руҳан ўта тушкун аҳволда эди.

24-25-26. Шунда (хурмо дарахтининг) остидан (Жаброил) нидо қилди: «Маҳзун бўлма, Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди. (Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини ўзингга тортиб-силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар. Энди сен еб-ичгин ва шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: «Мен Раҳмон Йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин.
Марям ушлаб турган хурмо дарахти баландликда эди. Жаноби Ҳақ ғамга ботиб қолган чўрисига тасаллий бериш ва унинг Парвардигори наздида азиз - мукаррам эканини англатиш учун Ўз ҳузуридан унга яна янги мўъжизалар ато этди: Яратганнинг Амри билан тепалик пастида турган Жаброил алайҳис-салом Марямга нидо қилиб айтдики, сен бошингга тушган бу ишдан - отасиз фарзанд кўрганингдан маҳзун бўлма, кимсасиз сахрода дунёга келган чақалоғинг билан ёлғиз сувсиз, таомсиз қолганингга ғамгин бўлма. Оёғинг остига қарагин, Парвардигоринг сен ва фарза-динг учун мана шу чўлу биёбонда оқар сув пайдо қилди ва у сув томирла-рига етиши билан сен ушлаб турган қуриб қолган хурмо дарахтига жон кириб, барг ёзди, мева тугди ва бир лаҳзада пишиб етилди, унинг шохини силкитгин, сенга янги пишган меваларини ташлайди. Энди сен мана шу хурмо меваларидан егин, оёғинг остидан оқиб турган зилол сувдан ичгин ва хотиржам бўл, кўзинг қувончга тўлсин, кўнглингни ғаш қилиб турган ғам-ташвишларингни ортга ташла. Чунки бу мўъжизаларни-қақраган чўлда дафъатан пайдо бўлиб, тинмасдан оқиб турган анҳорни ва қуриб ёғочга айланиб қолган хурмо дарахтига бирдан жон кириб, барг ёзиб, гуллаб, қишнинг ўртасида мева тугиб ва шу онда пишиб етилганини кўрган одамлар, ушбу ақл бовар қилмас мўъжизаларни яратишга Қодир бўлган Оллоҳ таоло, албатта, отасиз фарзандни дунёга келтиришга ҳам Қодир эканлигини тушуниб етадилар. Энди сенга бирон одам йўлиқиб, сендан қўлингдаги болангнинг отаси ким экани ҳақида сўраб-суриштирадиган бўлса, сен унга жавоб қилмай, “Мен Меҳрибон Оллоҳ учун ҳеч кимга сўз-ламасдан оғзимни берк тутишни назр қилдим, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман,” дегин.
Жаброил алайҳи-саломдан бу сўзларни эшитган Марямнинг чиройи очилиб, Оллоҳ таоло ато этган неъматлардан еб-ичиб, қавми ҳузурига қайтиш учун аста-секин дармонга кира бошлади.
Рабийъ Ибн Хайсун айтади: “Ушбу ояти карима мазмунидан маълум бўлишича, менинг назаримда, янги кўзи ёриган нифосдаги аёл учун рутабдан - янги пишган хурмодан яхшироқ даво йўқдир. Чунки агар нифосдаги аёл учун ундан яхшироқ бошқа нарса бўлганида, албатта Оллоҳ таоло Марямни ўша нарса билан таомлантирган бўлур эди”. (“Тафсири Куртубий”дан).

27-28. Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда қавми олдига келганида улар: «Эй Марям, сен (ҳеч ким қилмаган) ажиб ишни қилдинг-ку! Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас эди-ку, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!», дедилар.
Ривоят қилинишича, Марям алайҳис-салом Оллоҳ таоло ато этган мўъжизаларни кўриб кўнгли таскин топгач ва Парвардигори унинг поклигини албатта маълум қилишини билгач, чақалоғини бағрига босганича ўзи кетган олис макондан қавми ҳузурига қайтиб келди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “У қавми олдидан қуёш кўтарилаётган пайтда чиқиб кетган эди, пешин вақтида қўлида чақалоғи билан қайтиб келди. Демак, унинг юкли бўлиши ва кўзи ёриши кундуздан уч соат ичида рўй берди”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Суддий ва Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтадилар: “Қачонки Марям қавми ол-дига кўлида янги туғилган чақалоқ билан келганида бу бани Исроил орасида овоза бўлиб кетди ва эркаг-у хотин тўпланиб, уни оятда зикр қилинганидек, жуда ёмон сўзлар билан маломат ва ҳақорат қила бошладилар. Бир аёл ҳатто уни урмоқчи ҳам бўлди, аммо у қўлини Марямга кўтарган лаҳзада Оллоҳ таоло унинг ярмини қуритиб қўйди ва қўли кўтарилган ҳолида қотиб қолди Яна бошқа бир кимса: “Мен ўйлайманки, у аниқ зино қилган”, деган эди, ўша заҳоти Оллоҳ таоло уни тилдан қолдириб соқов қилиб қўйди. Шундан кейин одамлар Марямга қўл кўтаришдан ҳам, тил теккизишдан ҳам тийилдилар ва тилёғламалик билан: “Эй Марям, жуда ажойиб иш қилибсанку”, дедилар”. (“Тафсири Куртубийдан).
Ояти каримадаги Марямга нисбатан айтилган “эй Ҳоруннинг синглиси”, деган ибора қандай маънони англатиши ҳақида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Айрим муфассирлар: “Бу ўринда улар Мусо алайҳис-саломнинг оғаси бўлмиш Ҳорун алайҳис-саломни назарда тутганлар. Марям ҳам худди ўша Ҳорун каби ибодатда барқарор бўлгани учун уни Ҳоруннинг синглиси деб хитоб қилганлар”, дейдилар. Лекин Замахшарий ўз тафсирида, “Марям билан Ҳорун ўртасида минг йилдан ҳам кўп муддат ўтган. Шунинг учун Марямнинг Мусо ва Ҳоруннинг синглиси дейилиши хаёлга ҳам келмайди. Агар дуруст чоғида ҳам Суддий айтганидек, Марям уларнинг наслидан, яъни, бани Исроил қавмидан бўлгани учун дуруст бўлар”, дейди. Улар: “Сенинг отанг ёмон-нопок одам эмас эди-ку, онанг ҳам бузуқ аёл эмас эди”, дедилар.
Дарҳақиқат, Марямнинг отаси Имрон ҳам, онаси Ҳанна ҳам, қавму қариндошлари ҳам бузуқлик кўчасига кирмаган солиҳ инсонлар эдилар. Шунинг учун улар Марямнинг қўлида чақалоқ билан кўриб қаттиқ хафа бўлдилар ва йиғлашиб, юқоридаги сўзларни айтдилар. Ушбу Илоҳий жумладан зикр қилинган сўзлардан маълум бўладики, гуноҳ ва жиноят қилмишлари ким томонидан содир этилган бўлса-да, гуноҳ ва жиноят бўлади, аммо агар ундай ишлар солиҳ кишиларнинг авлодлари томонидан содир этилиши ҳаддан ташқари хунук саналади.

29.    Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни, унинг ўзидан сўранглар, деди). Улар айтдилар: «Биз бешикдаги чақалоқ билан қандай сўзлашурмиз?!»
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Марямнинг одамлар олдида ўзини оқлаш учун бирон ҳужжати бўлмагани учун боласига - Ийсо алайҳис-саломга гўё онангнинг пок инсон эканлигини ўзинг буларга айтиб бергин дегандек ишора қилди”. Лекин қавм унинг бу ишорасидан ғазабланиб: “Қилар ишни қилиб кўйиб, энди бизни масхара ҳам қиляпсан-ми?! Биз бешикда ётадиган чақалоқ билан қандай сўзлашамиз”, дедилар.
Суддий айтади: “Она кўксида ётган Ийсо алайҳис-салом қачонки уларнинг сўзларини эшитгач” эмишдан тўхтаб уларга юзланиб ва баногоҳ тилга кириб -

30.    Деди: “Мен Оллоҳнинг бандасидирман. У Зот менга Китоб - Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди”.
Ушбу буюк Илоҳий мўъжиза бани Исроил қавмининг шундоқ кўз ўнгида рўй берди! Бугун дунёга келган чақалоқ туғилган кунида тилга кирди ва унинг оғзидан чиққан илк калима “Аниқки, мен Оллоҳнинг бандасиман”, деган сўзлар бўлди! Яъни, у - сўзлашига ҳеч кимнинг ақли бовар қилмайдиган бир кунлик чақалоқ - тилга кирибоқ ўзи учун ҳам, оломон олдида ўзини оқлаш учун бир сўз топа олмай мулзам бўлиб турган мушфиқа онаси учун ҳам, қолаверса, жамийки инсоният учун ҳам энг муҳим бўлган Сўзни айтди: “Мен Оллоҳнинг қулиман”, деди. Унинг бу сўзлари, кейин, у дунёдан ўтганидан сўнг Тўғри Йўлдан озган насронийларнинг: “Ийсо Оллоҳнинг ўғли, Марям Оллоҳнинг хотини”, деб қиладиган ботил даъволарига аввалдан берилган энг аниқ раддия эди. Оллоҳ таолонинг бу солиҳ бандаси сўзи давомида Ҳақ таоло томонидан Лавҳул-Маҳфузда унга Китоб - Инжил ато этилиши ва пайғамбарлик берилиши тақдир қилиб қўйилгани ҳақида хабар берди. Тақдири азалда битилган ҳар бир иш албатта воқеда рўй бериши аниқ эканини билгани учун ҳам Ийсо алайҳис-салом: “У Зот менга Китоб - Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди”, деб ўтган замон феъли билан хабар берди. Бу сўзлари билан у волидаси Марям унга нисбат берилаётган бузуқлик айбидан пок эканлигини исботлади. Чунки Оллоҳ таоло Ўзи пайғамбарлик учун танлаган бандаларини зинокор кимсалардан дунёга келтирмаслиги, пайғамбарлар энг покиза сулолаларнинг авлодларидан бўлишлари барчага аён ҳақиқат эди.
У сўзида давом этди -

31. “Яна У мени қаерда бўлсам хайру баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман, менга намозни ва закотни амр қилди”.
“Яна У мени қаерда бўлсам хайру баракотли қилди”,
Яъни, Оллоҳ таоло қаерда бўлмай мени одамларга фойда етказгувчи, уларга фақат хайрли амалларни таълим бергувчи қилди.
Тустарий раҳимаҳуллоҳ ушбу жумлани: “Оллоҳ таоло мени яхшилик-ка буюрадиган, ёмонлик - гуноҳ ишлардан қайтарадиган, адашганга Тўғри Йўлни кўрсатадиган, мазлумга ёрдам берадиган ва ғамгиннинг кўнг-лини кўтарадиган қилиб қўйди”, деб тафсир қилган. (“Танвийрул-азҳон”тафсири)
“Ва модомики, ҳаёт эканман, менга намозни ва закотни амр қилди”.
Яъни, қачонки балоғат ёшига етганимда намозни адо этишни ва мол-дунёга қодир бўлсам, унинг закотини ҳақдорларга адо этишни, мискин-бечораларга ёрдамчи бўлишни буюрди.

32.    “Шунингдек, (Оллоҳ) мени онамга яхшилик қилгувчи - меҳрибон қилди ва мени бадбахт мутакаббир қилмади”.
Яъни, яна Оллоҳ таоло мени онам Марямга яхши фарзанд қилди ва унга доимо меҳрибон бўлишимни, итоат этишимни ҳамда доимо уни рози қилишимни буюрди. У Зот мени мутакаббир, яъни, Оллоҳ таолога ибодат қилишдан ва онамга яхши фарзанд бўлишдан кибр қилувчи бахтсиз кимса қилмади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Ийсо алайҳис-саломнинг “Оллоҳ таоло мени онамга яхши фарзанд қилди,” деган сўзларидан Ҳақ таоло уни отасиз, фақат “Бўл”, деган Амри билан ёлғиз онадан пайдо қилгани маълум бўлади. (“Тафсири-Куртубий”).

33.    “Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган Кунимда ҳам омонлик бўлур”.
Яъни Оллоҳ таоло мени туғилган соатимда шайтоннинг тегинишидан омон сақлади, мен ўлар чоғимда ҳам унинг иғвосидан - ширк келтиришдан омонда бўлурман, шунингдек, қайта тириладиган Кунимда хдм Қиёмат даҳшатларидан омон бўлурман. Оллоҳтаоло менга мана шу уч вақтда омонлик берди, бас, ҳеч ким менга ушбу вақтларда бирон зиён етказа олмас.
Қачонки Ийсо алайҳис-салом тилга кириб онаси Марям алайҳис-саломга туҳмат қилаётган қавмга мазкур сўзларини айтгач, улар Марямнинг ҳеч шак-шубҳасиз пок аёл эканини аниқ билдилар. Шундан кейин Ийсо токи одатда гўдак болалар сўзлай бошлайдиган ёшга етмагунича бирон сўз айтмади.

34.    Улар (яъни, яхудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Ийсо бинни Марям (ҳақидаги) Ҳақ таолонинг Сўзи ана шудир.
Юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятларда Ийсо бинни Марям Оллоҳтаолонинг «Бўл», деган Амри билан отасиз дунёга келган бир банда ва пайғамбар эканлиги тўғрисидаги Ҳақтаолонинг Сўзи баён қилинади ва Ийсо ҳақидаги «У валади зино» яъни, беникоҳ туғилган бола, дейдиган яхудийларнинг сўзи ҳам, “У худо” ёки “У худонинг ўғли”, дейдиган насронийларнинг сўзи ҳам ботил - ноҳақ сўзлар экани таъкидланади.

35. Оллоҳ учун фарзанд тутиш жоиз эмас - У Зот (бундай нуқсондан) Покдир. У бирон ишни қилмоқни истаса фақат унга «Бўл», дер. Бас, (ўша иш) бўлур.
Ушбу ояти кариманинг энг яхши тафсири мана бу оятлардир: “Оллоҳнинг боласи бор», дедилар. У Зот (буларнинг бадгумонидан) мутлақо Покдир. Балки осмонлардаги ва Ердаги бор нарса У Зотга тегишлидирки, ҳаммаси Унга бўйинсунади - сиғинади”. (Бақара сураси, 116-оят).
Ушбу ояти карима “Ийсо Масиҳ Оллоҳнинг ўғли”, дейдиган масиҳий-ларга, “Узайр Оллоҳнингўғли”, дейдиган яҳудларга ва “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари”, дейдиган динсиз мушрик кимсаларга қарши Илоҳий Раддиядир. Оллоҳ таоло ҳеч кимга муҳгож эмас, барча Унга муҳтождир. Жумладан У Буюк Зот оила, фарзандга муҳтож бўлиш айбидан мутлақо Поқцир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган бир ҳадиси Қудсийда шундай дейилади: Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ таоло шундай деди: “Одам боласи Мени ёлғончи қилди. Ҳолбуки, унинг бундай қилишга ҳаққи йўқ эди. Яна у Мени ҳақорат ҳам қилди. Ҳолбуки унинг бундай қилишга ҳам ҳаққи йўқ эди. У Мени ёлғончи қилгани шуки, унинг даъвосича, Мен уни Қиёмат Куни аввал қандай бўлган бўлса, ўшандай ҳолатда қайта тирилтира олмас эмишман. У Мени ҳақорат қилгани: “Оллоҳнинг боласи бор”, деганидир. Мен оила ва фарзанд тутиш айбидан Покдирман”.
“Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳдан кўра эшитган азийятига сабр қилгувчироқ ҳеч ким йўқ. Улар (яъни, кофирлар) “Унинг боласи бор”, дейишади, У эса яна уларга ризқ ҳам, соғлик ҳам бераверади”, деб марҳамат қилганлар.
Демак, Оллоҳнинг Бирлигини тан олмаслик Оллоҳнинг Борлигини тан олмаслик билан баробар куфрдир. Ахир, Осмонлар ва Ердаги барча нарсани, ўшалар ичида Узайрни ҳам, Ийсони ҳам, малоикаларни ҳам Ёлғиз Ўзи яратган бўлса, ҳамма нарса - хоҳлайдими-хоҳламайдими - Унинг Ўзига бўйсуниб турган бўлса, қандай қилиб ўша махлуқлардан кимдир бирови Холиққа фарзанд бўлиши мумкин?! Албатта, Оллоҳ таборака ва таоло ҳар қандай айбу нуқсондан, жумладан фарзанд тутиш айбидан ҳам мутлақо Покдир. “Осмонлар ва Ердаги барча жонзот хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, шунингдек уларнинг соялари ҳам эрта-ю кеч фақат Оллоҳгагина сажда қиладилар - бўйсунадилар. (Раъд сураси, 15-оят).
“(У) Еру осмонларни дафъатан Пайдо қилгувчидир. Бирор ишни ҳукм қилса унга фақатгина «Бўл», дейди, холос. Бас, у иш бўлади”. (Бақара сураси, 117-оят).
Бу оят мазмун жиҳатидан ўзидан аввалги оятнинг давомидир. Яъни, Ийсо алайҳис-саломнинг Оллоҳ таоло Амри билан отасиз дунёга келгани учун “Ийсонинг отаси Оллоҳнинг ўзидир”, деган насронийларга раддия сифатида Ҳақ таоло Ўзининг осмонлар ва Ерни дафъатан пайдо қилганини - беандоза яратганини айтади. Зотан, яратмоқ - йўқдан бор қилмоқ, деганидир. Демак, Оллоҳ таоло Еру осмонлардаги ҳар бир нарсани яратар экан, уларни бошқа бирон нарсага қараб туриб, унга ўхшатиб яратмаган ёки асли бор нарсаларни бир-бирига аралаштириб улардан учинчи бир нарсани чиқармаган, чунки қиладиган ишларида сабабларга киришиб, сўнг сабаблар воситаси билан натижага эришиш яралганларнинг, жумла-дан, инсонларнинг ишидир. Аммо Оллоҳтаоло, Мусаббибул-асбоб - барча сабабларнинг Сабабкори бўлган Зотнинг Ўзи ҳеч қандай сабабга муҳтож эмасдир. Ҳақ таоло Ўзи ирода қилган ҳар қандай ишга биргина “Бўл”, дейиши кифоя, ўша иш бўлади. Осмони заминдаги ҳар бир нарса ана ўша “Бўл”, деган Сўз билан пайдо бўлган. Шулар қаторида Ҳақ таолонинг суйган бандаси ва элчиси Ийсо алайҳис-салом ҳам худди ўша биргина “Бўл”, деган Илоҳий Фармон билан Марям бинти Имрон бачадонида пайдо бўлган. Бу ҳақда мана Қуръони Карим хабар бермоқда. Биз мўмин-мусулмонлар албатта бу хабар ҳақ эканига иймон келтирамиз, чунки бизлар Қуръони Азимнинг Каломуллоҳ эканига иймон келтирганмиз. Шу ўринда Ийсо отасиз дунёга келгани учун Оллоҳга оталик нисбатини берган, отасиз ҳеч ким дунёга келмайди, деб даъво қиладиган, Оллоҳ таолонинг йўқдан бор қилишга Қодир Зот эканига ишонмайдиган кимсаларга бир саволимиз бор: “Сизлар Ийсони отасиз туғилишини инкор қилар экансизлар, у ҳолда на отаси ва на онаси бўлмаган Одам алайҳис-саломга нима дейсизлар?! Одамни на отасиз ва на онасиз яратишга Қодир бўлган Оллоҳ Ийсони отасиз яратишга Қодир эмасми?!” Албатта, Оллоҳ ҳар нарсага Қодирдир ва Ийсо ибн Марям алайҳимас-салом Оллоҳ таолонинг “Бўл”, деган сўзи билан дунёга келгани учун ҳам “Калиматуллоҳ - Оллоҳнинг Сўзи” номини олган. У Оллоҳ таборака ва таолонинг бандаси ва элчисидир: “Эй аҳли Китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Оллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям фақат Оллоҳнинг элчиси ва Унинг Марямга ташлаган Сўзи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир), холос. Бас, Оллоҳ ва Унинг элчиларига иймон келтирингиз! “(Тангри) учта (яъни, Оллоҳ, Марям ва Ийсо учалалари ҳам тангрилардир)”, демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз, шунда ўзингиз учун яхши бўлур. Ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ Якка-Ягонадир. У фарзандлик бўлиш (айбидан) Пок бўлган Зотдир. Осмонлардаги бор нарса ва Ердаги бор нарса Уникидир. ОллоҳнингЎзи етарли Вакилдир”. (Нисо сураси, 171-оят).

36. (Ийсо айтди): «Албатта, Оллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу Тўғри Йўлдир».
Ушбу ояти карима Ийсо алайҳис-салом ҳақидаги насронийларнинг сафсаталарига бутунлай чек қўяди. Бас, Ийсо Оллоҳнинг ўғли - шериги эмас, аксинча Унинг барча бандалари қатори бир қули экани очиқ маълум бўлди, Ёлғиз Оллоҳ таолога бандалик қилишгина Тўғри Йўл экани кўрсатилди.
Ийсо алайҳис-салом бани Исроилга юборилган пайғамбарларнинг сўнггиси бўлиб, у ҳам худди аввалги пайғамбарлардек, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилган, Ундан қўрққан ва Унинг элчиларига итоат этган инсонгина Тўғри Йўлда бўлишини, бу Йўлнинг поёни Жаннат эканини ўз қавмига етказган ҳамда ўзи тақвода ва Ҳақ таолога ибодатда уларга андоза-ибрат бўлган бир солиҳ банда эди. Шунингдек, Ийсога ҳам бошқа пайғамбарларга ато этилгани каби мўъжизалар берилган ва у мана шу мўъжизалар орқали ўзининг ҳақ пайғамбар эканини исботлаб, ўз қавми бўлган бани Исроилга Оллоҳ таоло нозил қилган Инжил китобида буюрилган кўрсатмаларни етказар эди. Аммо унинг: “Албатта Оллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу Тўғри Йўлдир”, деган сўзи ҳаммага ҳам ёқавермас эдики, бу жиҳатдан ҳам Ийсо алайҳис-саломнинг тақдири бошқа пайғамбарлар тақдирига жуда ўхшаш эди. Яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват қилган барча пайғамбарлар, уларнинг қаторида Ийсо ҳам ўз қавми томонидан қаттиқ қаршиликка учраган эди. Қуйидаги оятда сўз шу ҳақда боради.

37. Сўнг (яхудий ва насроний) ҳизблар - фирқалар (Ийсо хусусида) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, кофир бўлган кимсаларга Улуғ Кун - Қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида вайл - ҳалокат бўлгай.
Сўз яхуд ва насронийларнинг Масиҳ Ийсо ибн Марямга нисбатан бўлган муносабатлари ҳақидадир. Чунки яхудлар Ийсони ҳақоратлар қилишда ғулув кетиб, уни “валади зино” деб хорлаб, Ийсо бинни Марям Оллоҳнинг Расули эканини инкор қилиб, унга кофир бўлдилар. Насронийлар эса Ийсо тўғрисида ҳаддан ошиб, уни пайғамбарлик манзилатидан илохдик мақомига кўтариб, “Оллоҳнингўғли” деб унга сиғина бошладилар, ҳатто унинг атрофидаги тобелари хдқида хдм ғулув кетиб, уларни бегуноҳ-маъсум деб ҳисоблаб улар ҳақ сўзни айтадиларми ёки ботил-ноҳақ сўзлайдиларми, эргашаверадиган бўлдилар. Барча ҳамду саноларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло бўлгани ҳолда, насронийлар Ийсо ибн Марямга ҳамду санолар айтиб, уни инсонда, Оллоҳнинг бандасида, балки Танҳо Оллохдан бошқа бирон кимсада топилиши мутлақо мумкин бўлмаган сифатлар билан мақгаб, оқибат-натижада: “Ийсо Оллоҳнинг ўғли, унинг онаси Марям эса Оллоҳнинг хотини, демак, у иккиси ҳам Оллоҳнинг шериклари”, деган на ақлга ва на мантиққа тўғри келмайдиган мутлақо асоссиз ва ботил эътиқодни ўзларига ақида қилиб олдилар. Оллоҳнинг қули ва расули бўлган Ийсони унда йўқ ва бўлиши ҳам мумкин бўлмаган сифатлар билан мақгаш, маддоҳлик қилиш насроний-ларнинг Ҳақ Диндан чиқишларига, Тўғри Йўлдан озишларига сабаб бўлди.
Насронийларнинг ўзлари ҳам Ийсо алайҳис-салом хусусида уч фирқага блиниб, ўзаро талашиб тортишдилар. Улардан бир тоифаси: “Ийсо Худонинг ўғли”, десалар, иккинчи тоифа: “Оллоҳ, Марям ва Ийсо уччовлари ҳам Худолар”, деди, учинчи бир тоифа эса: “Худо Ийсонинг ўзи”, деб, ҳам-малари йўлдан оздилар.
“Бас, кофир бўлган кимсаларга Улуғ Кун - Қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида вайл-ҳалокат бўлгай”.
“Вайл” сўзи икки маънони англатади. Биринчиси. “ҳалокат бўлсин”, деган қарғиш маъноси бўлса, иккинчиси, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай баён қилинган: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Вайл жаҳаннамдаги бир водийки, кофир унинг қаърига қирқ йилда тушиб етади”.
Ояти каримада кофирларнинг барча тоифаларига - яҳудий бўлади-ларми, насроний бўладиларми ёки мажусий бўладиларми, фарқсиз, кофир бўлган барча кимсаларга Қиёмат Куни ҳалокат - дўзах азоби муқаррар эканлиги ҳақида огоҳлантирилди.

38. Улар Бизга келадиган Кунда мунча ҳам (аниқ) эшитадиган ва кўрадиган бўлиб қолурлар. Лекин бугун у золимлар очиқ залолатдадирлар.
Яъни, Қиёмат Кунида, Бизнинг ҳузуримизга ҳисоб-китоб қилиниб қилмишларига яраша жазоларини олиш учун келадиган Кунда, панд-насиҳатга қулоқ солиш ва Ҳақ нима-ю, ботил нима эканлигини кўриш ҳеч қандай фойда бермайдиган Кунда у кофир кимсалар жуда ҳам яхши эшитадиган ва жуда ҳам аниқ кўрадиган бўлиб қолурлар. Лекин улар бугун, ҳаёти дунёда эканликларида шундай адашмоқдаларки! Ахир бир инсон, худди ўзига ўхшаган яна бир инсонни - она қорнида ҳомила бўлиб дунёга келган, бошқа одамлардек еб-ичадиган, барча инсоний эҳтиёжларга муҳтож бўлган бир инсонни Илоҳ деб даъво қилишидан ҳам ортиқроқ адашиш бўладими?! Албатта йўқ! Шунинг учун ҳам Ҳақ таоло ундай кимсаларни фақат Охиратдаги азобни кўрган вақтида кўзлари очиладиган, бугунги кунда эса, кўр ва кар кимсалар эканликларини айтади.

39. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларни (яъни, Макка мушрикларини) барча иш битирилиб (яъни, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга хукм қилиниб), улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан - Қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар.
Муфассирлар ушбу ояти карима тафсирида барча масъалалар Ҳақ таоло томонидан мукаммал адолат билан ҳал этиладиган ўша ҳисоб-китоб Кунида Рўй берадиган ибратли воқеалар ҳақида хабар берадиган қатор ҳадисларни ривоят қиладилар: Абу Саид Худрий розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат Кунида ўлим бир қашқа қўчқор суратида келтирилиб, бир жарчи:” Эй аҳли жаннат деб жар солади. Улар бўйинларини чўзиб қарайдилар. У айтади: “Сизлар мана буни танийсизларми? “Улар: “Ҳа”, бу ўлим”, дейдилар. Уларнинг ҳаммаси уни кўрган эди. Сўнгра жарчи: “Эй аҳли дўзах”, деб жар солади. Улар бўйинларини чўзиб қарайдилар. У айтади: “Сизлар мана буни танийсизларми?” Улар: “Ҳа, бу ўлим”, дейдилар. Чунки уларнинг ҳаммаси уни кўрган эди. Бас,у ўлимни сўйиб юборади, сўнгра айтади: “Эй аҳли жаннат, энди ўлим йўқ, сизлар жаннатда мангудирсизлар, эй аҳли дўзах, энди ўлим йўқ, сизлар дўзахда мангудирсизлар”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Аъмашдан эса, мазкур ҳадис мана бу зиёдалар билан ривоят қилинган: “Агар ўша Куни Оллоҳ таоло жаннат аҳлига мангу ҳаёт бўлишларини ҳукм қилмаганида, шак-шуҳасиз, жаннат аҳли шодликларидан ўлиб қолган бўлур эдилар ва агар ўша Куни Оллоҳтаоло дўзах аҳлига дўзахда мангу азобланишларини ҳукм қилмаганида, шак-шубҳасиз, улар ғам-ҳасратдан ўлиб қолган бўлур эдилар.” (“Сунани Термизий”дан).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қачон жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга хукм қилингач, ўлимни келтириб, жаннат билан дўзах ўртасида сўйиб юборилади, сўнгра бир жарчи: “Эй жаннат аҳли, энди ўлим йўқ, эй дўзах аҳли, энди ўлим йўқ”, деб жар солади.
Бас, жаннат аҳлининг шодликларига шодлик қўшилади ва дўзах аҳлининг хафаликларига хафалик қўшилади. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Хурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннатга кирган ҳар бир кишига, зиёда шукр қилиши учун, агар у осий бўлган тақдирда унинг учун тайёрлаб қўйилган дўзахдаги жойи албатта кўрсатилади ва дўзахга кирган ҳар бир кимсага, ҳасратига ҳасрат қўшилиши учун, агар у чиройли амал қилган тақдирда унинг учун тайёрлаб қўйилган жаннатдаги жойи албатта кўрсатилади. (Бухорий ва Бағавий ривояти).

40. Шак-шубҳасиз, Биз Ўзимиз Ерга ва ундаги бор жонзотга ворис бўлурмиз (яъни, барча жонзот ўтар, Ёлғиз Бизгина қолурмиз). Ва улар(нинг барчалари) Бизнинг хузуримизга қайтарилурлар.
Яъни, Шак-шубҳасиз, Ер ва ундаги бор жонзот ўткинчидир, фақат Оллоҳ таолонинг Ўзи абадий Тургувчидир. Бас, Ерда яшаётган барча инсонлар ҳам хоҳласинлар-хоҳламасинлар, бирин-кетин топган нарсаларини ташлаб ўтиб кетадилар ва ҳамма нарса Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига мерос бўлиб қолади. Демак, барча мавжудотнинг ҳақиқий Эгаси Оллоҳ таолонинг Ўзидир, Ер ва ундаги бор нарса Унинг мулкидир. Одамлар бўлса, ўзларига Яратган томонидан белгилаб берилган умрларини тугатганларидан сўнг, албатта Танҳо Хожалари ҳузурига қайтариладилар ва У Зот албатта уларнинг ҳаёти дунёда қилиб ўтган яхши амалларига мукофот, ёмон ишларига жазо беради. Ҳеч ким Унинг ҳисоб-китобидан қочиб қутула олмайди. Бас, ҳар бир оқил инсон ҳаётининг ҳар бир кунида Яратган ҳузурида албатта ҳисоб-китоб қилинишини эслаб, ўша Кунга ҳозирлик кўриб яшамоғи лозим.

41. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, ушбу) Китобда Иброҳим (қиссаси) ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ҳақиқатгўй эди, у пайғамбар эди.
Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом ҳақидаги ушбу қисса сурадаги Закариё ва Яҳё алайҳимас-салом қисссаси ҳамда Ийсо ва Марям алайҳимас-салом қиссасидан сўнг зикр қилинаётган учинчи қиссадир. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръондаги Иброҳим ҳақидаги қиссани қавмингизга сўзлаб беринг, деб амр қилиши, албатта, беҳикмат эмасдир. Чунки араблар: “Биз Иброҳимнинг авлодларимиз”, деб мақтанишар эди, ҳатто “Биз Иброҳимнинг динидамиз”, деб даъволар ҳам қилишар эди. Бас, Қуръон уларга агар сизлар чиндан ҳам Иброҳим динида бўлишни хоҳласаларингиз, у ҳолда аввало мана бу Иброҳим ҳақидаги қиссани тинглангиз ва унинг қандай инсон бўлганини, қайси динни ушлаганини яхши билиб олингиз, сўнгра ширк келтиришни бас қилиб, бобокалонингизнинг динига эргашингиз, деб, у улуғ инсон тўғрисидаги, кейин юборилган барча пайғамбарлар отаси ҳақидаги ушбу Илоҳий қиссани сўзлаб бериш Иброҳим авлодларидан юборилган элчи ва пайғамбарларнинг сўнггиси ва барча пайғамбарларнинг саййиди бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга буюрилади.
“Дарҳақиқат, у жуда ҳақиқатгўй эди, у пайғамбар эди”.
Яъни, ҳеч шак-шубҳасиз, Иброҳим ҳар бир нарсанинг ҳақиқатига етгувчи, Оллоҳ таолонинг Борлигини, Бирлигини сидқидилдан тасдиқлагувчи инсон эди, яна у Оллоҳтаоло юборган пайғамбарлардан бири эди.

42. Эсланг, у отасига деган эди: «Эй отажон, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон нарсада асқотмайдиган бутга ибодат қилмоқдасан?”
Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом отаси Озарни бутпарастликдан қайтарар экан, энг гўзал услубни танлади. У отасига дафъатан “Сен адашгансан”, демади, балки камоли одоб билан, ўзини унга ниҳоятда яқин олиб, меҳрибонлик билан “Эй отажон”, деб хитоб қилиб, ундан ҳеч нарсани эшитмайдиган, обидларини кўрмайдиган ва уларга бирон ишда фойдаси тегмайдиган бутларга нима сабабдан сиғинаётганини сўради.
Бу сўзлари билан Иброҳим алайҳис-салом гўё мана бу ҳақиқатни уқтир-моқчи бўлди: оқил одам қиладиган ҳар бир ишида тўғри ва фойдали бир мақсадни кўзлаши лозим. Агар фаразан бирон бир нарса ўзи тирик мавжудот бўлиб, эшитгувчи, кўргувчи, фойда ёки зиён етказишга қодир бўлса-ю, лекин кимгадир муҳтож бўлса, соғлом ақл унга сиғинишдан ор қилади. Масалан нурдан яралган покиза хилқат бўлмиш фаришталарга ҳам, хдтто пайғамбарларга ҳам сиғинилмайди, чунки улар ҳар бир ишда Яратганга муҳ-тождирлар. Бас, шундоқ экан, у ҳолда сен, эй отажон, нима сабабдан ҳеч нарсани эшитмайдиган, ҳеч кимни кўрмайдиган тошларга сиғинмоқцасан?!

43. “Эй отажон, дарҳақиқат, менга илм-маърифатдан сенга келмаган нарса келди. Бас, менга эргашгин, сени Тўғри Йўлга бошлайин”.
Яъни, Иброҳим алайҳис-салом сўзи давомида отасига ҳеч малол келмайдиган тарзда хуш калом билан гўё шундай деди: “Эй отажон, Оллоҳ таоло мени пайғамбарликка танлади ва ваҳий орқали менга шундай илм-маърифат ато этдики, бу нарсалар сенга маълум эмасдир. Шунинг учун сен менинг сўзларимни қабул қилиб ортимдан юргин, мен сени дунё ва Охиратда нажотингга сабаб бўладиган Тўғри Йўлга - Ҳақ Динга бошлаб борурман”.
Сўзлар экан, у отасини жоҳилликда айблагани йўқ, гарчи ота жаҳолатнинг энг чекида турган бўлса-да, шунингдек, ўзини илм-маърифатнинг чўққисида деб ҳам таърифламади, гарчи ҳақиқатда шундай бўлса-да. Балки ўзини гўё кўзланган манзилни яхшироқ биладиган ҳамроҳдек тутди, яна тўғрироғи, отасининг хато йўлда эканидан қаттиқ ҳавотирга тушган, унинг Тўғри Йўлга юриб нажот топишини жуда истайдиган меҳрибон фарзанд эканлигини кўрсатди.

44. “Эй отажон, сен шайтонга қуллик қилмагин! Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир”.
Яъни, сенинг бут-санамларга сиғинишинг шайтонга қуллик қилганингдир. Чунки у сенга бутпарастликни чиройли кўрсатиб йўлдан оздирмоқда, сен эса, гўё ўша иблиснинг қулидек унинг етовига юрмоқдасан.
Билгилки, шайтон Раҳмонга - Меҳрибон Оллоҳга осий бўлиб, Унинг лаънатига учрагандир. Бас, ким у осийга итоат қилса, албатта Оллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлур ва Унинг неъматларидан бутунлай маҳрум бўлур.
Шайтонга қул бўлишдан қайтарган оятлар бошқа сураларда ҳам келади: “Мен сизларга: «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри Йўлдир», деб буюрмаганмидим?!” (Ёсин сураси, 60-61-оятлар). “Улар (яъни, Оллоҳга ширк келтирган кимсалар) Оллоҳни қўйиб, фақат (Лот, Уззо, Манот каби) санамларга сиғинадилар ва фақат итоатсиз шайтонга сиғинадилар”. (Нисо сураси, 117-оят).
Мушриклар сиғинадиган санамларнинг саноғи жуда кўпдир. Жоҳи-лият замонида Маккадаги ҳар бир маҳалланинг алоҳида санами бўлиб, мушриклар ўзлари ясаб олган бутларига аёлларининг турли тақинчоқларини тақиб, безаб, пардозлаб, сўнгра ўша санамга дуо-илтижолар қилиб сиғинишар эди. Улар бутларига аёлларнинг исмини қўйиб Лот, Манот, Уззо деб номлаб ҳам олишган эди. Ҳатто ўша санамлари ҳақида сўз кетганида бир-бирларига “Фалон маҳалланинг хотини Уззо ёки Манот деб тушунтиришар эди. Жаҳолат, ҳамоқат шу даражада эди. Улар ҳамма нарсани, жумладан ўша мушрикларнинг ўзларини ҳам йўқдан бор қилиб яратган, Билгувчи, Эшитгувчи, дуо-илтижоларни ижобат қилгувчи Оллоҳни қўйиб, ўзлари ясаб олган нарсаларга, кўрмайдиган, эшитмайдиган жонсиз ҳайкалларга сиғинишар, ундан ҳожатларини сўраб дуо-илтижолар қилишар эди. Ҳамма замон ва маконлардаги мушрикларнинг аҳволи ҳам шунинг ўзидир.
Заҳҳок: “Оятдаги санамлардан мурод малоикалардир. Чунки мушриклар малоикалар Оллоҳнинг қизлари деб эътиқод қилишар ва уларга ҳам сиғинишар эди”, деб тафсир қилади.
Ояти каримада яна мушриклар итоатсиз шайтонга итоат қилишлари айтилди. Муфассирлар айтишларича бу ўринда шайтондан мурод барча шайтонларнинг каттаси бўлган иблисдир. У ўзи ҳам Оллоҳ таолога итоат қилмайди, бошқаларни ҳам итоат қилишдан тўсади. Бас, мушрик бўлган кимсалар ана ўша малъун иблиснинг малайларидир.

45. “Эй отажон, ҳақиқатан, мен (агар сен дунёдан бутпараст-кофир ҳолда яшаб ўтадиган бўлсанг, Охират диёрида) сенга Раҳмон томонидан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқурман».
Яъни, эй отажон, мен сенинг Оллоҳ таолога осий бўлиб, шайтонга итоат этаётганингни кўриб, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига ўз қўлларинг билан ясаб олган бутларга сиғинаётганингни кўриб ҳақиқатан ҳам сен Оллоҳнинг азобига дучор бўлишингдан ва дўзахда ўша ўзинг етовига юрган шайтон билан бирга бўлиб қолишингдан қўрқмоқдаман.
Иброҳим алайҳис-саломнинг бу сўзлари, жуда ёмон оқибатдан огоҳлантиришлари унинг чиндан ҳам отасини жон-жонидан яхши кўрадиган, отаси дўзах аҳлидан бўлиб қолишини асло истамайдиган меҳрибон фарзанд эканлигини очиқ кўрсатиб турар эди. Лекин у солиҳ фарзанднинг ялиниб-ёлворишлари, бутпарастликнинг оқибати ҳалокат экани ҳақида ҳужжат-далиллар келтириб, Тўғри Йўлга даъват қилишлари қаттиқдил отага мутлақо таъсир қилмади. У жоҳил кимса Оллоҳ таоло энг олий мартаба-пайғамбарлик учун танлаган фарзанди келтирган Илоҳий ваҳийга иймон келтириш ва куфрдан тавба қилиш ўрнига Иброҳимни ҳам ўзининг ботил динига қайтармоқчи бўлиб таҳдид қилди -

46. (Отаси) айтди: «Сен менинг илоҳларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?! Қасамки, агар сен (менинг худоларимни сўкишдан) тўхтамасанг, албатта сени тошбўрон қилурман ва (ёки) мени узоқ вақтга (яъни, бутунлай) тарк эт!»
Яъни, Иброҳимнинг отаси Озар унинг “отажон”, деб қилган нидоларига жавобан бирон марта оталик меҳри билан “ўғлим”, деган сўзни айтмади, унинг қилган даъватларини мутлақо мулоҳаза қилиб ҳам кўрмади, балки ўта кўполлик билан дафъатан: “Ҳали сен менинг илоҳларимдан юз ўгириб, бошқа илоҳга ибодат қилмоқчимисан, эй Иброҳим?!” деб дўқ урди ва “агар сен мен сиғинаётган бутларга сиғинишни истамасанг - улар сенга ёқмайдиган бўлса, у ҳолда уларни айблаб ҳақорат қилишни тўхтат, бўлмаса, қасам ичиб айтаманки, мен сени тошбўрон қилиб ўлдирурман ва ёки менинг томонимдан сенга бирон ёмонлик етишидан илгари бошинг омонлигида менинг ҳузуримдан бутунлай кет, йўқ бўл!” деб таҳдидлар қилди.
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло олис ўтмишда Ўзининг Халили Иброҳим алай-ҳис салоту вас-салом билан унинг мушрик отаси Озар ўртасида бўлиб ўтган мазкур воқеани ҳикоя қилиш билан Ўзининг Ҳабиби ва сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга мушрик - жоҳил кимсалар қадим-қадимдан Оллоҳ таолонинг пайғамбарларига ана шундай озор-азийятлар берганларини эслатади ҳамда у зотга Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл каби Макка мушриклари томонидан етаётган озор-азийятларга худди бобокалонлари Иброҳим алайҳис-салом каби сабр қилишлари лозимлигини уқтириб тасаллий беради.


47. (Иброҳим) деди: “Сенга омонлик бўлсин. Энди мен сен учун Парвардигоримдан мағрифат сўрайман. Шак-шубҳасиз, У менга бениҳоя Меҳрибон бўлган Зотдир”.
Иброҳим алайҳис-саломнинг жоҳил ота айтган қўпол ва ноҳақ сўзларга берган жавоби мана шу бўлди. Зотан, “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари Ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар уларга (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам «Омон бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир”. (Фурқон сураси, 63-оят). Яъни, ҳақиқий мўминлар ёмонлик қилганларга ҳам омонлик тилайдиган кишилардир. Улар: “Қачонки беҳуда (сўз ё ишни) эшитсалар, ундан юз ўгирурлар ва: «Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ҳам ўзларингиз учундир. Омон бўлинглар. Бизлар нодон кимсалар (билан ҳамсуҳбат бўлиш)ни истамаймиз», дерлар.” (Қасас сураси, 55-оят).
Ояти карима давомида Иброҳим алайҳис-саломнинг отасига омонлик тилаганидан ташқари яна Оллоҳ таолодан унинг гуноҳини кечиришини сўраб дуо қилишга ҳам ваъда бергани зикр қилинди.
Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: “Иброҳим алайҳис-саломнинг онаси мўмина эди”. (“Тафсири Мунийр”). Аммо отаси Озар бутпараст-мушрик бўлиб, мушрик ҳолида ўлгани маълумдир. Бас, нега Иброҳим алайҳис-салом мушрик отаси ҳаққига дуо қилди? Ахир Оллоҳ таоло мана бу ояти кари-мада кофирлар ҳаққига дуо қилишдан қайтарганку: “На пайғамбар ва на мўминлар - уларга мушрикларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, агар у мушриклар ўзларининг қавм-қариндошлари бўлганларида ҳам - улар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир”. (Тавба сураси, 113-оят).
Биз хаёлимиздан ўтган бу ва яна бошқа саволларга Қуръони Каримнинг бошқа оятларидан ва саҳиҳ ҳадислардан аниқ жавоб оламиз:
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Қачонки Оллоҳ азза ва жалла Иброҳим алайҳис-салом отаси Озарнинг гуноҳини сўраб дуо қилишга ваъда бергани ҳақидаги оятни нозил қилганида, мен бир кишининг мушрик ота-онаси учун мағфират сўраб дуо қилаётганини эшитиб қолдим. Мен унга: “Ота-онанг мушрикку, нега улар учун мағфират сўраб дуо қилаяпсан?” деган эдим, у: “Ахир Иброҳим алайҳис-салом ҳам ўз отаси учун гарчи у мушрик бўлса-да, мағфират сўрадику?” деди. Мен Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб мана шу ҳақда хабар берганимда, Оллоҳ азза ва жалла у зотга: “Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Оллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар Ёлғиз Оллоҳга иймон келтиргунларингизча, сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар. Фақат Иброҳим ўз(ининг кофир бўлган) отасига: «Албатта мен (Оллоҳдан) сен учун мағфират сўрайман, (лекин) сенга Оллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсани (азобни қайтаришга) молик эмасман», (деган сўзларигина сизларга намуна бўлмасин)!” оятини нозил қилди. (Термизий ривояти).
“Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга (отаси) Оллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай алоқани узди (яъни, унинг учун мағфират сўрашни тўхтатди). Албатта Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир”. (Тавба сураси, 114-оят).
Яъни, Иброҳим алайҳис-саломнинг отаси Озар учун мағфират сўрагани мўминлар мушриклар учун мағфират сўрашлари мумкин эканига далил бўлмайди. Чунки у ўртада ваъда бўлгани учунгина ўша ишни қилган эди.
Уламолар ояти каримадаги “унга берган ваъдаси сабабли эди”, жумласини икки хил тафсир қиладилар: Ибн Аббос розияллоху анҳумо: “Иброҳимнинг отаси Озар Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломга Ёлғиз Оллоҳга иймон келтириб, бутлардан юз ўгириш ҳақида ваъда берган, шунинг учун Иброҳим отаси учун Оллоҳ таолодан мағфират сўраган эди. Бас, қачонки у ваъдасини бажармай, кофирлигича ўлганидан ке-йин Иброҳим алайҳис-салом унинг Оллоҳ таолонинг душмани эканини билди ва унинг учун мағфират сўрашни бас қилди”, дейди.
Бошқа уламолар эса: “Иброҳим алайҳис-саломнинг ўзи отасининг Исломга киришидан умидвор бўлиб, унга: “Агар Исломни қабул қилсанг, “мен Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрайман”, (Марям сураси, 47-оят) деб ваъда қилган эди ва мана шу ваъдасига биноан “аҳдига вофодор бўлган Иброҳим” (Ван-нажм сураси, 37-оят) “Отамни ҳам мағфират қилгин”, (Шуаро сураси, 86-оят) деб унинг учун мағфират сўраган эди”, дейдилар. (“Тафсири Бағавийдан).
Қозий Абу Бакр ибн Арабий айтади: “Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам Иброҳим алайҳис-саломнинг ўз отасига: “Мен Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрайман”, деган сўзини ушлаб, Иброҳим алайҳис-салом мушрик отаси учун мағфират сўрадику, деб ўзларининг мушрик ҳолда ўлган амакилари Абу Толиб учун мағфират сўрамоқчи бўлганларида Ҳақ таоло Иброҳим алайҳис-саломнинг отаси учун дуо қилиши унинг иймонга келишидан умидвор бўлгани учун эди. Шунинг учун қа-чонки отаси кофир ҳолда ўлгач, Иброҳим унинг учун мағфират сўрашни бас қилган. Бас, у воқеани далил қилиб кофир ҳолда ўлган Абу Толиб учун мағфират сўраш дуруст эмас, деб хабар берди”.

48.    “Ва мен сизлардан ҳам, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган (бутларингиздан) ҳам четланурман. Мен (Ёлғиз) Парвардиго-римга дуо-илтижо қилурман. Шоядки, Парвардигоримга илтижо қилганим шарофатидан (сизлар каби) бадбахт бўлиб қолмасман”.
Яъни, Иброҳим алайҳис-салом ўз сўзида давом этиб гўё шундай деди: “Энди сизларга қилган панд насиҳатларим кор қилмагач, мен сизларни Оллоҳдан ўзгага дуо илтижо қилиб сиғинаётган ҳолларингизда бутунлай тарк этурман ва Ёлғиз Роббимга ибодат қилурман. Умидворманки, Роб-бимга ибодат қилиш билан бахтсиз бўлиб қолмасман, аксинча, “Жазо (Қиёмат) Кунида менинг хато-гуноҳларимни Унинг Ўзи мағфират этишини умид қилурман”. (Шуаро сураси, 82-оят). Сизлар эса, ўзларингиз ясаб олган бутларга дуо илтижо қилишингиз билан ҳар икки дунёда бахтсиздирсизлар”.
Мана шу сўзларни айтгач, Иброҳим алайҳис-салом ота-онаси яшаб турган Бобил мамлакатини тарк этиб, Шом диёрига кўчиб кетди.

49.    Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва уларнинг Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларидан четлангач, Биз унга (ўғли) Исҳоқ ва (набираси) Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик.
Яъни, қачонки Иброҳим алайҳис-салом отаси ва қавмини ҳам, улар сиғинаётган бутларни ҳам тарк этиб, Оллоҳ таоло ризолигини истаб Муқаддас Замин - Шом диёрига ҳижрат қилгач, Оллоҳ таоло ўзининг бу солиҳ бандасини ёлғизлатиб қўймади, балки унга йўқотган кофир қавму қариндошлари ўрнига кўнгил қувончи бўлган солиҳ ўғил Исҳоқни ва ундан суюкли набира Яъкубни ҳадя қилди ҳамда уларнинг барчаларини -отани ҳам, ўғилни ҳам, набирани ҳам Ўзининг улуғ пайғамбарларидан қилди. Демак, Ҳалилур-Раҳмон - Оллоҳнинг Дўсти Иброҳим алайҳис-салом Яратганнинг Амрига итоат этиб кофир қавмни тарк қилиш билан ҳеч нарса йўқотмади, балки йўқотганларидан афзалроқ неъматларга эга бўлди. Иброҳим пайғамбардан кейин дунёга келган барча элчи пайғамбарлар ҳам ўша улуғ зотнинг авлод-зурриётларидан бўлди.

50.    Шунингдек, Биз уларга Ўз Фазлу Марҳаматимиздан инъом этдик ва улар учун тилга олинадиган рост, юксак мақтовларни (бардавом) қилдик.
Яъни, Оллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг авлод-зурриётига Ўз Фазли Раҳматидан бўлган пайғамбарлик, мол-давлат, солиҳ авлодлар ва Илоҳий Китоблар ато этди. У улуғ зотнинг авлод-зуриётлари орасидан энг улуғ Инсон, энг буюк Элчи, энг сўнгги Пайғамбар бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг дунёга келишлари ва у зоти бобаракотга энг Улуғ Китоб - Қуръон нозил бўлишининг ўзи ҳам Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг Иброҳим алайҳис-салом ва унинг зуриётига ато этган тенгсиз Фазлу Раҳматидандир.
Яна Иброҳим алайҳис-саломнинг: “Парвардигорим, менга ҳикмат - илм ҳадя этгин ва мени солиҳ (бандаларинг) қаторига қўшгин. Яна мен учун кейин келгувчи кишилар ўртасида рост мақтовлар қилгин” (Шуаро сураси, 83-84-оятлар) деб Оллоҳтаолога қилган дуо илтижолари мустажоб бўлиб, барча динларнинг вакиллари у зотни фақат мақтов ва дуолар билан тилга оладиган бўлдилар. Жумладан Маккалик араблар ҳам ўзларининг Иброҳим сулоласидан эканликлари билан мақтаниб, ҳатто: “Бизлар Иброҳимнинг динидамиз”, деб даъво ҳам қилар эдилар. Бас, Оллоҳ таоло уларга ибрат ва панд насиҳат бўлсин учун ушбу Иброҳим алайҳис-салом қиссасини Ўз Китобида зикр қилиб, у зотнинг ҳеч қачон мушриклардан бўлмаганини, аксинча, бутпараст отасидан ва унинг қавмидан бутунлай воз кечиб, Ёлғиз Оллоҳтаолога ибодат қилиш учун ҳатто ўз ватанидан бош олиб чиқиб кетган Тўғри Йўлдаги Мусулмон бўлганини баён қилди. Иброҳим алайҳис-салом ҳаётининг бирон лаҳзасида ҳам мушриклардан бўлмагани ҳақида Наҳл сурасининг 120-123-оятларида ҳам айтиб ўтилган эди.

51. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом ушбу) Китобда Мусо (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у (ширк ва риёдан) халос қилинган элчи-пайғамбар эди.
Ушбу ва куйидаги икки оятда ўта ихчам суратда Мусо ва Ҳорун алайҳи-мас-салом ҳақларида сўз боради. Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, қавмларига ушбу Китоб - Қуръони Азимдаги Мусо алайҳис-салом қиссасини ҳам сўзлаб беришларини амр қилади ва унинг гуноҳлардан халос қилиниб, Оллоҳтаоло томонидан элчилик учун танланган ва қавмига етказиш учун Китоб - Таврот берилган бир пайғамбар эканлигини айтади. Мусо алайҳис-салом Яъқуб алайҳис-саломнинг авлод-зурриётларидан бўлгани боис у ҳақда бевосита Яъқуб алайҳис-салом зикр қилинган оятлардан кейин зикр қилинди.
Ояти каримадаги “мухлас” калимасининг “мухлис” калимасидан фар-қи шуки, мухлис дейилганида Оллоҳ таолога чин ихлос билан холисан-лиллоҳ ибодат қилувчи банда тушунилади, мухлас эса, айтиб ўтилганидек, Оллоҳ таоло тарафидан гуноҳ ва тойилишлардан халос қилинган, бошқача айтганда, дунё ва Охиратда Оллоҳ таолонинг ҳифзи паноҳида бўлган бандадир. Ҳақ таоло Ўзининг пайғамбарларини ана шундай мухлас - шайтон васвасаларига алданишдан халос қилинган бандалардан эканликларини айтиб шарафлайди.

52. Биз унга Тур (тоғининг) ўнг томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик.
Ривоят қилишларича, Мусо алайҳис-салом Мадян шаҳридан Мисрга қараб йўлга тушиб Оллоҳ таолога муножот қилиб кетаётганида ўнг томонидаги Тур тоғидаги бир дарахтдан овоз келади ва ўша жойда Мусо алайҳис-салом Оллоҳтаоло билан бевосита сўзлашади.
Ушбу мисли кўрилмаган ҳодиса ҳақида бошқа бир сурада шундай хабар берилади: “Энди қачонки Мусо (келишилган ўн йил) муддатни ўтаб, аҳли-оиласи билан (Миср томон) йўлга тушгач, Тур (тоғи) тарафдан бир оловни кўриб қолди. У аҳли-оиласига: «Сизлар кутиб туринглар. Аниқки, мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд сизларга ундан бирон хабар ёки исиниб олишларингиз учун у оловдан чўғ олиб келсам», деди. Энди қачонки унинг олдига етиб келгач, у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан - дарахтдан унга нидо қилинди: «Эй Мусо, албатта Мен барча оламларнинг Парвардигори Оллоҳдирман”. (Қасас сураси, 29-30-оятлар).

53. Биз (Мусога) Ўз Фазлу Марҳаматимиз билан пайғамбар бўлмиш оғаси Хррунни ҳадя этдик.
Ҳақ таолонинг ушбу Марҳамати Мусо алайҳис-саломнинг: “Менга ўз аҳлим-уруғимдан бўлган Ҳорун оғамни вазир қилгин. У билан белимни бақувват қилгин. Ва уни ишимда (яъни, пайғамбарлик вазифамни адо этишда) шерик қилгин. Токи биз Сени кўпроқ поклаб-ибодат қилайлик; Ва Сени кўпроқ зикр қилайлик - эслайлик. Албатта Сен бизни Кўрувчи бўлган Зотсан», (Тоҳа сураси, 29-35-оятлар) деб қилган дуо - илтижоси ижобат бўлиб, унга ато этилган эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Ҳорун алайҳис-салом иниси Мусо алайҳис-саломдан бир ёш катта эди. Қачонки Мусо Оллоҳ таолодан илтижо қилиб сўрагач, Жаноби Ҳақ Ҳорунга ҳам нубувват ҳадя қилди.
Ушбу ояти карима мазмунидан Ҳорун алайҳис-салом ҳам пайғамбар экани маълум бўлганидек, пайғамбарлик инсон касб қилиб топадиган мартаба эмаслиги, балки инсоният орасидан саноқли кишиларгагина насиб этган бу бениҳоя улуғ ва айни пайтда ўта масъулиятли мартабани Ёлғиз Оллоҳ таолонингЎзи танлаган бандасига ҳадя этгани ҳам аниқ бўлади. Шунингдек, ушбу оят мазмунидан Мусо алайҳис-саломнинг Ҳақ таоло наздида нақадар қурбат ҳосил қилган банда эканлиги, ҳатто унинг бир дуоси шарофати билан Парвардигор Марҳамат кўргузиб, унинг оғаси Ҳорунни рисолат вазифасини адо этишда энг яқин ёрдамчи қилиб кўйгани ҳам маълум бўлади.

54. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ушбу Китобда Исмоил (қиссаси) ни ҳам зикр қилинг! Дарҳақиқат, у ваъдаси рост бўлган киши эди, у элчи-пайғамбар эди.
Аксари муфассир уламолар ушбу ояти каримада зикр қилинган зот Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломнинг тўнғич ўғли Исмоил Забиҳуллоҳ алайҳис-салом эканлигини айтганлар. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад Ҳабибуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ўзларининг бобокалонлари бўлмиш Исмоил Забиҳуллоҳ алайҳис-саломни ҳам Қуръони Азимда зикр қилишни буюрди ва у зотни таърифлар экан, энг аввало унинг ваъдаси рост инсон бўлганини таъкид-лади. Дарҳақиқат, Исмоил алайҳис-салом доимо берган сўзинингустидан чиқадиган ваъдасига вафодор инсон эди. Муқотил айтади: “Бир куни Исмоил алайҳис-салом бир кишига то у қайтиб келгунича жойидан жилмай кутиб туришини ваъда қилди ва токи ўша киши қайтиб унинг олдига келгунича - орадан уч кун ўтса-да, турган жойидан жилмади”. (“Тафсири Бағавий”дан). Гарчи барча элчи-пайғамбарлар ҳам шак-шубҳасиз ростгўй инсонлар бўлсалар-да, ояти каримада Исмоил алайҳис-салом “ваъдаси рост инсон” бўлганини алоҳида таъкидланишининг ҳикмати, тафсир олимларининг айтишларича, аввало у зотни шарафлаш бўлса, иккинчидан, мўминларга ваъдага вафодорлик улуғ пайғамбарлар хулқидан эканлигини эслатишдир. “У элчи-пайғамбар эди”.
Оллоҳ таоло Исмоил алайҳис-саломни асли Яманлик бўлган Журҳум қабиласига элчи қилган эди. У ўша қабиладан уйланган эди. (Бу ҳақда Иброҳим сурасининг 37-ояти тафсирида ала қадри ҳол баён қилганмиз). Исмоил алайҳис-саломга алоҳида самовий Китоб нозил қилинмаган бўлиб, у қавмини отаси Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломга нозил қилинган шариат асосида бошқарар эди.

55. У ўз аҳли-умматини намоз ва рўзага буюрар эди. У Парвардигори наздида рози бўлинган киши эди.
Ушбу ояти каримада Исмоил алайҳис-саломнинг яна икки гўзал хислати - ҳар бир мусулмон инсонга ибрат бўладиган икки сифати баён қилиндики, улардан биринчиси, Исмоил алайҳис-салом нафақат ўзи намоз ва закот ибодатларини адо этишда бардавом бўлар эди, балки, биринчи навбатда ўзининг аҳли-оиласини, қолаверса, барча қавмини ҳам намоз ва закот ибодатларини адо этишга буюрар эди. У улуғ пайғамбардан мерос бўлиб қолган бу улуғ иш - биринчи навбатда ўз қавм-қариндошларини намоз, закотга ва умуман солиҳ амаллар қилишга буюриш Ҳақ таоло томонидан у зотнинг энг буюк авлод-зурриёти бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳам амр қилинган ва Пайғамбар алайҳис-салом барча умматларига ибрат бўладиган даражада адо этган ишлардан эди: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Оллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Акс ҳолда азоблангувчи кимсалардан бўлиб қолурсиз. Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Оллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!” (Шуаро сураси, 213-214-оятлар).
Ушбу икки оятда Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарига Ёлғиз Оллоҳдан ўзга бирон кимса ё нарсага сиғинмасликни ва бошлаб бу Ҳақ Динга ўз қариндош-уруғларини чорлашни буюрди. Шу оятлар нозил бўлиши билан Пайғамбар алайҳис-салом қариндошларини йиғиб, уларни Охират азобидан фақат ўз иймон-амаллари билангина халос бўлишлари мумкин эканлиги ҳақида огоҳлантирадилар ва жумладан ўз қизларига қараб шундай дей-дилар: «Эй Фотима, қанча сўраб-ёлвормагин, Охират Кунида мен сенга асқотмайман (яъни, Охират азобидан Пайғамбар қизи бўлганинг учун эмас, балки ўз амалинг билангина қутула олурсан)», дейдилар. Бу Муҳаммад алайҳис-саломнинг барча умматларига сабоқдир.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-са-лом), аҳли-умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишга) сабр-матонатли бўлинг!” (Тоҳа сураси, 132-оят).
“Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни дўзахдан сақлангизки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир, у (дўзах) нинг устида қаттиқдил ва қаттиқ қўл, Оллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, (фақат) ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур”. (Таҳрим сураси, 6-оят).
Бу мавзуда муборак ҳадислар ворид бўлган: Абу Довуд ва Ибн Можжа Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Тундан бир қисми ўтгач, ўрнидан туриб, покланиб намоз ўқиган ва аёлини ҳам уйғотган, агар у уйғонмаса, юзига сув сепиб уйғотган кишини Оллоҳ Ўз Раҳматига олсин, тундан бир қисми ўтгач, ўрнидан туриб, покланиб намоз ўқиган ва эрини ҳам уйғотган, агар у уйғонмаса, юзига сув сепиб уйғотган аёлни ОллоҳЎз Раҳматига олсин”, деб марҳамат қилганлар.
Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можжа Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Қачон киши кечанинг бир қисми ўтгач уйғониб, аёлини ҳам уйғотса ва иккиси биргаликда икки ракъат намоз ўқисалар, Оллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Оллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар қаторига ёзилурлар”.
“... Оллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Оллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар - улар учун Оллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) таёрлаб қўйгандир. (Аҳзоб сураси, 35-оятдан). Исмоил алайҳиссаломнинг ўрганаётганимиз ояти каримада мадҳ этилган иккинчи хислати, “у зот Парвардигори наздида рози бўлинган киши эди”.
Ушбу буюк хислат Оллоҳ таолонинг бандалари орасидаги энг бахтли инсонларнинг насибасидир. Чунки инсон ўзининг иш-амали билан барча инсонларни рози қила олса-ю, аммо Парвардигори ундан рози бўлмаса, ундан бахтсиз одам йўқдир. Оллоҳ таолонинг Ризоси эса, ҳар бир ишда У Зотга комил итоат қилиш билангина қозониладиган энг буюк мартабадирки, Исмоил алайҳис-салом ана шундай буюк бахтга ноил бўлган инсон эканлиги хусусида Ҳақ таолонинг Ўзи хабар беради. Оллоҳ таолонинг улуғ Элчиси ва Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бобокалонларидан бўлмиш Исмоил алайҳис-саломнинг ояти каримада зикр қилинган ушбу икки хислати ҳар бир мўмин учун ибрат бўлиши лозим.

56-57. Яна (ушбу) Китобда Идрис (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ҳақиқатгўй эди, пайғамбар эди. Ва Биз уни юксак мартабага кўтардик.
“Тафсири Бағавий”да айтилишича, Одам алайҳис-салом зурриётидан бўлган Идрис алайҳис-салом Нуҳ алайҳис-саломнинг бобокалони бўлган (айрим ривоятларда отасининг бобоси, айримларида эса, бобосининг бобоси дейилади). Унинг Идрис деб номланишига сабаб, кўп китоб кўриб, доимо дарс билан машғул бўлганлигидир. Идрис алайҳис-саломнинг касби тикувчилик эди. У инсоният тарихида биринчи бўлиб қўлига қалам ушлаб ёзган кишидир. Кийим тикиб, тикилган кийим кийган биринчи инсон ҳам Идрисдир. Ундан аввал одамлар устларига тери ёпиниб юрар эдилар. Яна Идрис алайҳис-салом биринчи бўлиб қўлига қурол тутиб, кофирларга қарши жанг қилган ҳамда биринчи бўлиб фалакшунослик ва ҳисоб-китоб илмларига асос солган кишидир.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Идрис алайҳис-саломнинг уч сифат-фазила-тини зикр қилади. Биринчиси, у Оллоҳ таолога сидқидилдан иймон келтирган, Унинг оятларини тўласича тасдиқловчи, ҳар бир сўз ва амалида ростгўй бўлган Сиддиқ инсон эди.
Иккинчи сифати, у пайғамбар эди. “Тафсири Мунийр”да Идрис алайҳис-саломнинг Одам ва Шийс алайҳимас-саломдан кейин учинчи пай-ғамбар бўлгани айтилади. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда хабар берилишича, Оллоҳ таоло Одам алайҳис-салом зурриётидан Идрис алайҳис-саломга ўттиз саҳифа нозил қилган. Ва ниҳоят Идрис алайҳис-саломга ато ато этилган учинчи фазилат, Оллоҳ таоло у солиҳ бандасини дунё ва Охиратда қадрини баланд қилди. “Саҳиҳи Муслим”да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳақ субҳонаҳу ва таоло томонидан сайр қилдирилган кечада меърожга кўтарилганларида тўртинчи осмонда Идрис алайҳис-салом билан кўришиб, саломлашиб ўтдилар.

58. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ана ўшалар (яъни, юқоридаги оятларда Сизга қиссалари сўйлаб берилган кишилар) Одам зурриётидан (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтарган (ва тўфон балосидан нажот берган) кишилардан (Иброҳим каби), Иброҳим зурриётидан (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил-Яъқуб (зурриётидан Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Ийсо каби) пайғамбарлардан ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилардан Оллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотлардир. Қачон уларга Раҳмон оятлари тиловат қилинса сажда қилган ва йиғлаган ҳолларида йиқилурлар.
Яъни, ана ўша, сура аввалидан бошлаб ушбу оятгача номлари зикр қилинган зотларга Оллоҳтаоло пайғамбарлик неъматини инъом этди ваЎзи-га яқин бандалардан қилди, барча бандалари орасидан танлаб, инсоният учун Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишда олий намуна ва гўзал ибрат бўлсинлар учун уларни Ҳидоят Йўлида собитқадам қилди. Аввало мазкур пайғамбарларнинг барчалари Одам алайҳис-салом зурриётидан эканликлари айтил-ди, сўнгра Идрис алайҳис-саломдан бошқалари инсониятнинг иккинчи отаси ҳисобланмиш Нуҳ алайҳис-салом кемасида нажот топган инсонларнинг авлодларидан тарқалганлари белгиланди. (Идрис Нуҳдан аввал ўтгани сабабли унинг эмас, Одамнинг зурриёти ҳисобланади). Оллоҳ таоло Нуҳнинг кемасида нажот берган инсонлардан тарқаган авлод-зурриётлар орасидаги энг улуғ инсон Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом бўлиб, у зот ўзидан кейин юборилган барча элчи ва пайғамбарларнинг отасидир. Чунки кейин келган пайғамбарларнинг аксариси Иброҳим алайҳис-саломнинг кичик ўғли Исҳоқнинг фарзанди Яъқуб - Исроил алайҳис-саломнинг зурриётларидан бўлиб, Оллоҳ таолонинг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳим алайҳис-саломнинг катта фарзанди Исмоил алайҳис-салом авлодларидан дунёга келганлар.
Аллома ибн Касийр ўз тафсирида айтади: “Гарчи ушбу ояти каримада Оллоҳ таолонинг буюк инъомига сазовор бўлган зотлар деб юқоридаги оятларда номлари зикр қилинган пайғамбарларга ишора қилган бўлса-да, бу сурайи каримада зикр қилинмаган пайғамбарлар ҳам барчалари баробар Оллоҳ таоло томонидан танланган ва Тўғри Йўлда барқарор бўлган инсонлар эканликларига мана бу оятлар далолат қилади: “Мана шулар Бизнинг Иброҳимга қавми устида берган ҳужжатларимиздир. Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни (мана шундай баланд) даражаларга кўтарурмиз. Албатта Парвардигорингиз Ҳикмат Эгаси ва Билгувчидир. Биз унга (Иброҳимга фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик. Буларнинг барчаларини Биз ҳидоят қилдик. Биз илгари Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Унинг (Нуҳнинг) зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам Биз ҳидоят қилдик). Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни (ҳам Биз ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ бандалардандир. Яна Исмоил, ал-Ясаъ (Ювшаъ пайғамбар), Юнус ва Лутни (ҳам Биз ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик. Яна уларнинг ота-боболаридан, зурриётларидан ва биродарларидан ҳам (Ўзимиз хоҳлаган кишиларни Ҳақ Йўлга ҳидоят қилдик). Биз уларни сайлаб, Тўғри Йўлга ҳидоят қилдик. Бу Оллоҳнинг Ҳидоятидир. У билан бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Агар улар ширк келтирганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди. Ана ўша зотларга Биз Китоб, ҳукм ва пайғамбарлик ато этган-миз. Бас, агар (бу оятларга) ана улар (яъни, Макка мушриклари) кофир бўлсалар, Биз бу (оятларга) кофир бўлмаган қавмни (яъни, мўмин-мусулмонларни) вакил қилганмиз. Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зот-лар) Оллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Мен сизлардан бунинг учун (яъни, Қуръон учун) ҳақ сўрамайман. Бу (Китоб) бутун оламлар учун эслатма - ҳужжатдир, холос». (Анъом сураси, 83-90-оятлар). “Аниқки, Биз Сиздан илгари (кўп) пайғамбарлар юборгандирмиз. Улардан Биз Сизга ҳикоя қилиб берган кишилар хдм бор, яна улардан Биз Сизга ҳикоя қилмаган кишилар хдм бордир”. (Ғофир сураси, 78-оят).
Ўрганаётганимиз ояти каримада Ҳақ таоло мазкур пайғамбарларнинг бир улуғ одатлари - Оллоҳнинг Каломини, ундаги сажда қилишга буюрилган оятларни эшитган вақтларида йиғлаган ҳолларида дарҳол сажда қилишлари ҳақида хабар беради. Анъом сурасининг 90-оятида эса: “Ана ўша юқоридаги мазкур бўлган пайғамбарлар”, Оллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, (эй, Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ҳам уларнинг йўлларига эргашинг!” деб буюради. Демак, биз, уммати Муҳаммад ҳам, ҳар қачон сажда қилиш буюрилган оятларни ўқиганимизда Оллоҳ таолога сажда қилишимиз вожибдир.
Уламолар иттифоқича, ушбу ояти карима ҳам ана пгундай сажда оятларидан бўлиб, уни тиловат қилувчи ҳам, тинглагувчи ҳам бир марта сажда қилиши вожибдир.
Ояти каримада зикр қилинган пайғамбарларнинг саждаларининг сифати, улар йиғлаган ҳолларида саждага йиқилар ва қилган ҳар бир саждалари Оллоҳ азза ва жалладан бўлган қўрқувларини, хокисорликларини янада зиёда қилар эди. Демак, Оллоҳтаоло учун қилинган ҳар бир сажда огоҳлик ва кўрқув билан, зиёда хокисорлик ва кўзда ёш билан бўлиши лозим.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўп ҳадисларида йиғини мадҳ қилганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: У айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Икки хил кўзга - Оллоҳ таолодан қўрққани сабабли йиғлаган кўзга ва Оллоҳ таоло Йўлида қўриқчилик қилиб тунни бедор ўтказган кўзга дўзах ўти тегмайди”, деяётганларини эшитганман”. (Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Токим сут елинга қайтиб кирмас экан, Оллоҳдан қўрққани учун йиғлаган киши ҳам дўзахга кирмайди ва ҳеч қачон мусулмон инсоннинг димоғида Оллоҳ Йўлида ютилган ғубор билан жаҳаннам тутуни жамланмайди”. (Термизий, Насоий ва бошқалар ривоят қилганлар).
Баҳаз ибн Ҳаким отасидан, у бобосидан ривоят қилди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг: “Уч хил кўзга - Оллоҳдан кўрққани учун йиғлаган кўзга, Оллоҳ Йўлида бедор бўлган кўзга ва Оллоҳ ҳаром қилган нарсалардан юмилган кўзга дўзах ўти ҳаром қилинди”, деяётган-ларини эшитганман”. (Аҳмад, Насоий, Бағавий ва бошҳалар ривояти. “Тафсири Бағавий”дан).

59. Сўнг, уларнинг ортидан шундай ўринбосарлар келдиларки, улар намозни зое қилдилар ва шаҳватларга эргашиб кетдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка йўлиқурлар!
Ояти карима бизни билишимиз ва кўзларимиз очилиб, ўзимизни ўнглашимиз учун ўта катта ва мудҳиш хатардан огоҳлантиради. Яъни, ушбу оят сизларни Оллоҳтаолонинг буюк инъомига сазовор бўлган Одам алайҳис-саломдан бошлаб то Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламгача ҳар бир пайғамбар ўтганидан кейин унинг тобелари орасидан албатта, тоат-ибодатлари чала-ярим ёки мутлақо ибодатсиз ва шаҳватларига, ҳавойи нафсларига қул бўлган кимсалар пайдо бўлиши ҳақида ҳамда ундай кимсалар дунёда ҳам, Охиратда ҳам ҳеч шак-шубҳасиз ёмонлик-ҳалокатга йўлиқишлари ҳақида огоҳлантиради.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ қай бир умматга қай бир пайғамбарни юборган бўлса, албатта, уммати орасида унинг суннатини маҳкам ушлайдиган ва буйруқларига сўзсиз буйинсунадиган ёрдамчилари ва саҳобалари бўлади. Сўнгра, уларнинг ортидан шундай ўринбосарлар келурларки, ўзлари қилмайдиган нарсаларни сўзлайдилар, буюрилмаган ишларни қиладилар. Бас, ким уларга қарши қўли билан курашса, ўша мўминдир ва ким уларга қарши тили билан курашса, ўша мўминдир, ким уларга қарши қалби билан курашса, ўша ҳам мўминдир, аммо ундан кейин (яъни, уларга қарши курашмаган кимсаларда) хардалнинг уруғича ҳам (яъни, заррача ҳам) иймон йўқдир!”
Ояти карима огоҳлантиришича, ана ўша ёмон ўринбосарларнинг энг ёмон ишлари, улар намозларини зое қиладилар, яъни, намоз ўқимайдилар ёки, ўқиган тақдирларида ҳам, уни фарз қилинган вақтида ўқимай ўтказиб юборадилар ёки буюрилганидек ўқимай унинг ажр-савобини йўққа чиқарадилар ёки намоз ўқиб туриб, ортидан уни зое қилиб юборадиган гуноҳ-маъсиятларни ҳам қилаверадилар, демак, Оллоҳ таолонинг: “Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур”, (Анкабут сураси, 45-оят) деган Сўзига биноан улар ҳам намозни зое қилгувчи бенамозлар қаторидан жой оладилар, чунки ўқиган намозлари уларни ёмон-гуноҳлардан тўса олмади.
Бу мавзуда, ҳар бир мусулмон учун том маънода ҳаёт-мамот масъаласи бўлган намоз ибодатини зое қилишнинг ёмон оқибатлари ҳақида гўё огоҳлантирувчи қўнғироқ янглиғ кўплаб ҳадислар ҳам ворид бўлган: “Саҳиҳи Буҳорий”да ривоят қилинган ҳадиси шарифда хабар берилишича, намозни худди товуқ дон чўқигандек сажда қилиб шошилиб салом берган кишига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Намозингни қайта ўқигин, чунки сен намоз ўқиганинг йўқ”, деб уч марта қайтадан ўқитдилар. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу намозни шошиб-пишиб, чала-чулпа қилиб ўқиган бир кишига: “Қачондан буён намоз ўқийсан?” деган эди, у: “Қирқ йилдан буён”, деб деб жавоб қилди. Шунёда Ҳузайфа: “Сен намоз ўқимайсан. Агар фаразан сен мана шундай намоз ўқиш билан ўладиган бўлсанг, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидан бошқа йўлда ўлган бўласан. Киши намозни енгил ўқиганида ҳам албатта тўла ва чиройли қилиб ўқиши лозим”, деди. (Бухорий ва Насоий ривояти).
Абу Масъуд Ансорий розияллоху анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Киши (рукуъ ва сажда чоғида белини) тўғри тутмасдан (яъни, бир муддат қотиб турмасдан) ўқиган намоз дуруст эмасдир”. (Термизий ривояти).
Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана бу намоз мунофиқнинг намозидир - у қуёшнинг ботишини кутиб ўтираверади, ҳатто қуёш шайтон шохлари ўртасига тушга-нида (яъни, ботай-ботай деб қолганида) туради-да, тўрт мартта ерни “чўқийди” ва бу “намози”да Оллоҳни камдан-кам эслайди”, дедилар.
Қуртубий ўз тафсирида айтади: “намоз бобидаги сўзнинг хулосаси шуки, кимда-ким намозининг таҳоратдан бошлаб рукуъ сужудларигача комил бўлишини муҳофаза қилмаса, у намозни муҳофаза қилмабди. Намозни муҳофаза қилмаган кимса уни зое қилган бўлади. Намозини зое қилган кимса эса, бошқа ибодатларни албатта зое қилаверади. Аммо ким намозни муҳофаза қилса, Оллоҳ таоло унинг динини сақлайди. Намози йўқ одамнинг дини йўқдир”.
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилдилар: Анас ибн Ҳаким Зоббий розияллоҳу анҳу Мадинага келганида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга йў-лиққан эди, у: “Эй йигит, мен сенга бир ҳадис айтиб берайми? Шояд Оллоҳ таоло уни сенга манфаатли қилса”, деди. Анас: “Айтиб бергин”, деди. У айтди: “Албатта одамлар Қиёмат Кунида амалларидан энг аввало намоз ҳақида ҳисоб-қитоб қилинадилар. Ўзи жуда яхши Билгувчи бўлмиш Оллоҳ таборака ва таоло малоикаларига: “Бандамнинг намозига қаранглар-чи, тўла адо қилганмикан ёки чала намоз бўлганмикан?” дейди. Бас, агар намози комил бўлса, унинг учун тўласича ёзилади, агар ундан бирон нарсани чала қилган бўлса, у ҳолда, қаранглар-чи, бандамнинг нафл намозлари ҳам бормикан?” дейди. Бас, агар унинг нафл намозлари бўлса Бандам учун фарз намозларининг нуқсонини нафл намозлари билан тўлдириб қўйинглар дейди, сўнгра бошқа амаллар ҳам шу тариқа олинади.
Юнус айтди: “Мен Абу Ҳурайра айтган бу сўзлар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан деб ўйлайман”. (Ҳадис лафзи Абу Довудга тегишли. “Тафсири Қуртубий”дан).
“ва шаҳватларга эргашиб кетдилар”.
Яъни, юқоридаги оятларда мазкур бўлган улуғ зотлар - Оллоҳ таолонинг буюк Инъомига сазовар бўлган пайғамбарлар ва уларнинг тақволи тобелари ортидан шундай ўринбосарлар келдиларки, улар намоз-ибодатларини зое қилганларидан ташқари яна бошқа гуноҳ-жиноятларга ҳам кўл урдилар - улар Оллоҳ таолонинг элчилари кўрсатган Ҳақ Йўлга юришдан бош тортиб, ўзларининг ҳавойи нафслари ва шаҳвоний хоҳишлари нимани буюрса, қандай гуноҳга чорласа эргашиб кетаверадиган бўлдилар. Фаҳш ва зинокорликка ружу кўйдилар, ичкиликбозликка берилдилар, қиморга ўргандилар, судҳўрлик порахўрлик қилдилар, ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳликлар беришга одатландилар.., бир сўз билан айтганда Охират ва унда бўладиган ҳисоб-китобни бутунлай унутиб, фақат ҳаёти дунёнинг нопок лаззатларига кўмилиб яшашни ўзлари учун “дин” қилиб олдилар.
Ана шундай ёмон ўринбосарлардан бир тоифаси ҳақида мана бу ояти каримада ҳам айтилган эди: “Улардан сўнг Китобга (Тавротга) меросхўр бўлган ўринбосарлар келдики, улар бу тубан (дунё) нарсаларини (ҳалол, ҳаромлигига қарамай) оладилар ва «Албатта бизлар мағфират қилинурмиз», дейдилар. Ҳолбуки, агар яна ўшанга ўхшаган нарса келиб қолса, уни ҳам олаверадилар. Ахир улардан Китобда (Тавротда) Оллоҳ шаънига фақат ҳақни айтишлари борасида аҳд-паймон олинмаганмиди?! Ундаги оятларни ўқиб ўрганган эдилар-ку! (Оллоҳдан) қўрқадиган зотлар учун (бу дунё матоларидан) Охират диёри яхшироқ-ку! Ақл юргизмайсизларми?!” (Аъроф сураси, 169-оят).
Аксари муфассирлар ояти карима Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга замондош бўлган яҳудлар ҳақида нозил бўлганини айтадилар. Улар - яъни, яҳудлар ота-боболаридан Таврот Китобини мерос қилиб олдилар-у, аммо у Китобда Оллоҳ таоло буюрган амалларни адо қилиш ўрнига дунё матоларига берилиб кетдилар. Ҳалол ёки ҳаромлгига қарамай дунё йиғадиган, порахўрлик қиладиган, ҳатто мол-дунё топиш учун Тавротдаги оятларни ҳам ҳеч иккиланмай ўзгартириб юбораверадиган бўлдилар. Ўзлари мана шундай ҳаром йўллар билан ҳеч тўхтамасдан бировларнинг ҳақларига тажовуз қилиб туриб, гуноҳ-маъсиятлар ботқоғига ботиб туриб яна: “Биз Оллоҳнинг суюкли болаларимиз, пайғамбарлар авлодимиз, шунинг учун Оллоҳ бизни кечириб юбораверади”, деб сафсаталар сотадиган бўлдилар.
Суддий айтади: “Яҳудларнинг бирон қозиси пора олмасдан хукм чиқармасди. Агар унга: “Нега порахўрлик қиляпсан? Оллоҳ Ўз Китобида буни ҳаром қилганку?” дейилса, ҳеч парво қилмай: “Оллоҳ мени кечира-ди”, деб жавоб қилар, одамларнинг таъна-маломатлари унга таъсир қилмасди. Энг қизиғи, агар ўша порахўр қози ўлса ёки қозиликдан бўшатилса ва ўрнига уни порахўр деб айблаганлардан бири қози қилиб тайинланса, у ҳам худди аввалгисидек порахўрлик қилаверар ва унга бу иш гуноҳ эканини айтганларга “Оллоҳ мени кечиради”, деб жавоб қилаверар эди”.
Ўзларини энг доно миллат деб ҳисоблайдиган яхудлар ва уларга ўхшаганлар ҳақида ҳадиси шарифда шундай деб огоҳлантирилган:
Термизий ва Ибн Можжа Шаддод ибн Авс розияллоху анхудан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Нафсини ўзига бўйсундирган ва ўлимдан кейинги ҳаёт учун амал қилган киши донодир, нафсини ҳавойи хоҳишларига кул қилиб қўйиб, сўнгра Оллоҳ ҳақида: “У мени кечириб юбораверади”, деб хом хаёл қилиб юрадиган кимса эса ожиз-ақлсиз кимсадир”, дедилар.
“Ахир улардан Китобда (Тавротда) Оллоҳ шаънига фақат ҳақни айтишлари борасида аҳд-паймон олинмаганмиди?! Ундаги оятларни ўқиб ўрганган эдилар-ку! Оллоҳдан қўрқадиган зотлар учун (бу дунё матоларидан) Охират диёри яхшироқ-ку! Ақл юргизмайсизларми?!”
Яъни, яхудлар Тавротда Оллоҳ таоло зулмни, бировларнинг ҳаққига тажовуз қилиш, порахўрлик каби иллатларни ҳаром қилганини, У Зот гуноҳ-маъсиятлардан тўхтаб, тавба қилган кишинигина мағфират қилишини, “Оллоҳ мени кечириб юбораверади”, деб гуноҳ устига гуноҳ қилаверадиган кимсаларни эса асло кечирмаслигини ўқиб-ўрганган эдилар.
Демак, Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиб, Таврот оятларини ўзгартиришга ҳақлари йўқ эди. Аммо улар ўтмишда Мусо алайҳис-саломга иймон келтириб, Таврот кўрсатмаларига амал қилиб ўтган аждодларига нолойиқ ўринбосарлар бўлганлари учун дунё матоларини кўлга киритиш мақсадида ким ўзарга гуноҳ устига гуноҳ қилишдан тийилмас эдилар, Охиратни эса бутунлай ёддан чиқаришган эди. Шунинг учун Ҳақ таоло оят ниҳоясида уларни: “(Оллоҳдан) қўрқадиган зотлар учун (бу дунё матоларидан) Охират диёри яхшироқ-ку! Ақл юргизмайсизларми?!”, деб огоҳлантиради.
Ояти каримани ўрганар эканмиз, гарчи у яҳудлар ҳақида нозил қилинган бўлса-да, биз улуғ салафларнингўринбосарлари бўлган мусулмонлар ҳам дунёга ҳаддан ортиқ берилиш, устма-уст гуноҳлар қилиб, яна “Оллоҳнинг даргоҳига кенг, кечириб юбораверади”, деб хомхаёллар суриб юравериш каби иллатларга мубтало эмасмизми, деб, ўзимиз Муқаддас Дини Исломимизга қанчалик риоя қилаётганимиз, Қуръони Азим кўрсатмаларига қанчалик амал қилаётганимиз ҳақида ўйлаб кўришимиз - ақл юргизишимиз лозим.
Қуртубий “Ал-жомиъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсирида: “Оллоҳ таоло айтган яхудларнинг мазмум сифатлари бизларда ҳам мавжуд”, дейди ва улуғ саҳобий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунингушбу сўзларини келтиради: “Ҳали Қуръон айрим одамларнинг калбларида худди либослар эcкирганидек эскириб, кучсизланиб қолади. Улар Қуръон тиловат қилганда лаззат-ҳаловат топмайдилар. Ундай кимсалар қўй терисини ёпиниб олган бўрилардир. Уларнинг қилган амаллари фақат тамагирликдан иборат бўлиб, Оллоҳдан қўрқув ҳисси уларга бегонадир. Уларга зиммаларидаги мусулмонлик вазифасини бажармаётганлари айтилса “Ҳали етиб оламиз - бажаришга улгурамиз”, дейдилар. Улар: “Оллоҳга ширк келтирмаяпмизку, демак У бизни кечиради”, дейишиб, устма-уст гуноҳ қилаверадилар”.
Агар ўзимизга, атрофимиздагиларга боқсак, буюк саҳобийнинг бу сўзлари нақадар аччиқ бўлса-да, ҳақиқат эканини тан олмасликнинг иложи йўқ. Бас, ҳар биримиз ақл юритишимиз, Оллоҳнинг ғазабига эмас, Унинг Раҳматига эришимиз учун Каломуллоҳни ўқиб, уқиб, маъноларини яхши англаб, унинг кўрсатмаларига оғишмай амал қилишга кўлимиздан келган қадар киришишимиз ва бутун ҳаётимизни мана шу Илоҳий андозадан четга чиқмасдан ўтказишимиз вожибдир.
“Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка йўлиқурлар!”
Ушбу жумладаги “ғайй” калимаси, “Тафсири Қуртубий”да Ибн Зайддан ривоят қилинишича, “ёмонлик” маъносини англатади. “Танвийрул-азҳон”да ҳам шундай тафсир қилинган. Лекин ушбу калиманинг жаҳан-намдаги бир чуқурликнинг исми эканлиги ҳақида ҳам ривоятлар бор. Буюк саҳобийлар Абдуллоҳ Ибн Масъуд ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анхумдан ривоят қилинишича, “ғайй” - жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, унинг иссиқлигидан жаҳаннамдаги бошқа водийлар паноҳ тилаб турадилар. Бу водий, яъни, чуқурликумрини зинокорлик билан ўтказган, доимий ароқхўрлик қилган, судхўрликни касб қилиб олган, ота-онасига оқ бўлган ва ёлғон гувоҳлик бергувчи бўлган кимсалар учун тайёрлаб қўйилгандир. Демак, у шаҳватларига қул бўлган барча кимсалар ташланадиган чуқурлиқцир. Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Жаннат нафс ёмон кўрадиган ибодатлар билан ўраб қўйилди, дўзах эса, шаҳватлар (яъни, нафс истайдиган гуноҳлар) билан ўраб қўйилди, (“Саҳиҳи Муслим”дан) деган муборак ҳадисларининг мазмуни ҳам мана шудир, валлоҳу аълам.

60. Магар тавба қилиб, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар(нинг аввал қилган гуноҳлари мағфират қилинур). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас.
Яъни, магар ким ҳаёти аввалида қилган гуноҳларидан қайтиб, намозларини зое қилганидан, ҳавойи нафсига қул бўлганидан афсус-надоматлар қилиб, Оллоҳ таолога астойдил тавба қилса ва ҳаётининг қолган қисмини У Зотга сидқидилдан иймон келтириб, солиҳ амаллар билан ўтказса, ундай инсонларни Парвардигор Ўз жаннатига киритади ва аввал қилган гуноҳларини кечириб юборади. Чунки ҳадиси шарифда: “Тавба ундан аввалги ҳар қандай гуноҳни қуритиб йўқ қилади”, дейилган. Ибн Можжа Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган яна бошқа бир ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Тавба қилгувчи инсон гуноҳ қилмаган киши кабидир”, деб марҳамат қилганлар.
Шунингдек, Ҳақ таоло Каломи қадимида: “Барчаларингиз Оллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар”, деб буюрган.
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Барча Одам болалари хатокордирлар. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилгувчилардир”, деб марҳамат қилганлар.
Бас, тавба қилмоқ ҳар бир мўминнинг зиммасидаги фарз экан.
Бандасининг ожизлиги Яратганга жуда яхши маълумдир. Шунинг учун У бандадан хато қилмасликни талаб қилмайди - у ҳолда ҳамма ҳалок бўлган бўлар эди - балки қилган хато-гуноҳларидан тавба қилиб Оллоҳга, У буюрган Тўғри Йўлга қайтишни буюради.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шайтон: “Қудратингга қасам, ё Роббим, модомики, бандаларингнинг жонлари баданларида экан, уларни иғво қилиб гуноҳга буюришдан ажрамайман”, деганида, Парвардигор деди: “Қудратимга, Буюклигимга, Олий Мақомимга қасам, модомики улар Мендан мағфират сўрар эканлар, Мен ҳам уларни мағфират қилишдан тўхтамайман”.
Ояти каримада гуноҳларидан астойдил тавба қилган мўминларга бениҳоя умидбаҳш бир мужда берилади - уларнинг қилган солиҳ амаллари гарчи жуда оз бўлса-да, Оллоҳ таоло томонидан уларга бериладиган ажр-мукофотлар заррача камайтирилмас. Чунки уларнинг аввал қилган гуноҳлари Яратганнинг Фазл-Марҳамати билан бутунлай ўчириб юборилади ва яна бошқа бир оятда хабар берилганидек: “Ким тавба қилиб яхши (амаллар) қилса, бас, албатта у Оллоҳнинг (ризо-мағфиратига) қайтган бўлур. Улар (яъни, Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермайдиган ва лағв (беҳуда сўз ё амал) олдидан ўтган вақтларида олийжаноблик билан (яъни, ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтадиган кишилардир”. (Фурқон сураси, 70-71-оятлар)

61. Улар Раҳмон ғойибда (яъни, бандалар кўзига кўринмай турган ҳолида) Ўз бандаларига ваъда қилган абадий туриладиган Адн жаннатларига (кирурлар). У Зотнинг ваъдаси шак-шубҳасиз келгувчидир.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Ҳақтаоло ғойибдан бандаларига - ўтмиш-да қилган гуноҳ-маъсиятларидан тавба қилган ва иймон-ихлос билан солиҳ амаллар қилган мўмин бандаларига ваъда қилган Адн жаннатлари таърифланади. “Тафсири Қуртубий”да Абу Насл Қушайрийдан ривоят қилинишича, оятда зикр қилинган “жаннати адн - абадий туриладиган жаннатлар” жаннат боғларининг энгўртаси ва чўққиси, Оллоҳ таолонинг арши аълоси остида жойлашган Фирдавс жаннатидир.
“Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳдан сўраганларингизда Фирдавс жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг ўртаси ва чўқисидир. Раҳмонниг Арши унинг устидадир. Жаннат дарёлари ўша жойдан отилиб чиқур”, деб буюрдилар.
“У Зотнинг ваъдаси шак-шубҳасиз келгувчидир”.
Яъни, гарчи ўша ваъда қилинган жаннат ҳозирда ғайб оламида бўлса-да, Оллоҳ таоло айтган соатида мўминлар албатта у жойга кирурлар ва бунда ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Чунки “Оллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас”. (Раъд сураси, 31-оят).

62. У жойда улар бирон лағв - беҳуда сўз эшитмаслар, магар (аҳли жаннат томонидан) саломни (эшитурлар, холос). У жойда улар учун эрта-ю кеч ризқлари ҳозирдир.
Яъни, аҳли жаннат у жойда бирон бир кераксиз, бефойда сўзни, қабиҳ алфозларни, ёлғон-яшиқ гапларни эшитмайди. Уламолар жаннатда лағв - бехуда сўзлар бўлмаслиги алоҳида зикр қилиниши бехуда сўзлар сўзлаш мўмин киши учун ҳаёти дунёда ҳам номаъқул иш эканлигини таъкидлаш учундир, дейдилар. Ҳатто беҳуда-бекорчи сўзларни сўзлашга одатланиш кишини жаннатдан тўсиб қўйиши хавфи борлиги ҳақида ҳадиси шариф ҳам ворид бўлгандир. Саҳобалар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир кишининг қилган яхши амалларига гувоҳ бўлганлари учун “Мана шу киши аҳли жаннат бўлса керак”, дейишганида, у зот: “Сизлар унинг аҳли жаннат эканлигини қаердан билурсизлар? Эҳтимол, у бехуда сўзларни ҳам сўзлар”, деганлари ривоят қилинади.
Демак, ояти карима гувоҳлик беришича, аҳли жаннат у жойда фақат саломни - тинчлик-омонлик тилагини эшитадилар. Бу салом жаннат аҳлининг бир-бирларига берадиган саломларидир, бу салом малоикаларнинг жаннат аҳлига берадиган саломларидир, бу салом Парвардигорнинг жаннати бандаларига берадиган саломидир.
Дарҳақиқат, Оллоҳтаоло мўмин бандалари учун тайёрлаб кўйган жаннат дорус-салом - тинчлик-омонлик диёридир. У жойда аҳли жаннат бир-бирларига фақат тинчлик-омонлик тилаб салом берадилар: “Уларнинг (жаннатларда қиладиган) дуолари: “Оллоҳии!, Ўзингни поклаймиз”, дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига) тинчлик-омонлик тилашдир. Охирги тилаклари эса, барча оламлар Парвардигори - Оллоҳга ҳамду сано айтишдир”. (Юнус сураси, 10-оят).
“Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат “салом-салом”, деган (тилакни)гина (эшитурлар). (Воқеа сураси, 25-26-оятлар).
Аҳли жаннатга у жойда малоикалар салом берадилар: “Уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: “(Оллоҳ Йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилганларингиз сабабли (энди ушбу жаннатларда) сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. Охират диёри нақадар яхши!” (дерлар)”. (Раъд сураси, 23-24-оятлар).
“Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак манзил - кўшклар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ, (энг гўзал) манзилдир”. (Фуркрн сураси, 75-76-оятлар).
“Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса, тўп-тўп ҳолда жаннатга «ҳайдалдилар». То қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар)”. (Зумар сураси, 73-оят).
Ва ниҳоят, аҳли жаннат учун энг шарафли мақом - у жойда улар Буюк Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг саломини эшитурлар: “Уларга Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур”. (Ёсин сураси, 58-оят).
Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, “жаннат эгалари ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ устларида бир нур пайдо бўлур. Бошларини кўтариб... “Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат”, деб турган Парвардигори оламни кўрурлар”.
“У жойда улар учун эрта-ю кеч ризқлари ҳозирдир”.
Муфассирлар айтадилар: “Ояти каримадаги “эрта-ю кеч” деб белгиланган вақтлар ҳаёти дунёдаги эрталаб ва кечқурун дегани эмас, балки ҳамма вақт деган маънодадир. Чунки жаннатда мутлақо кечқурун-қоронғулик йўқдир. Жаннат аҳли абадул-абад нур ичидадирлар. Фақат мўътадил инсонлар ҳаёти дунёда кунда икки маҳал-эрталаб ва кечки пайт таомланишга одатланганлари боис мазкур икки вақт зикр қилинди. Магар очкўз нафс бандаларигина эрта демасдан, кеч демасдан тинимсиз еяверадилар”.

63. Ушбу жаннат шундай жойдирки, Биз уни бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга мерос қилиб берурмиз.
Яъни, юқоридаги оятларда сифатлари зикр қилинган мана шу гўзал жаннат Ҳақ таоло томонидан Унинг тақволи бандаларига худди оталаридан қолган мол-мулк каби бутунлай мерос қилиб берилур ва улар ушбу жаннат неъматларидан кўнгиллари хоҳлаганидек фойдаланиб, у жойда мангу роҳат-фароғатда яшайдилар.
Ҳар бир сўзи Ҳикмат бўлган Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг бу ўринда жаннат тақводор бандаларига тегадиган мерос эканлигини зикр қилиши ҳам албатта беҳикмат эмасдир. Бу, таъбир жоиз бўлса, Ҳақ таоло томонидан мўмин бандаларига берилган бир Илоҳий Кафолатдир. Чунки мерос тариқасида теккан мулк меросхўрдан ҳеч қачон қайтиб олинмайди, демак, жаннатга меросхўр бўлган тақводор бандалар ҳам энди ҳеч қачон у Илоҳий неъматдан маҳрум бўлиб қолмайдилар. Бу ҳакда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Ана ўшалар Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлгувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолурлар”. (Мўминун сураси, 10-11-оятлар).

64-65. «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), биз Ёлғиз Парвардигорингизнинг Амри билангина нозил бўлурмиз. Олдимиздаги (Охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (дунё ва Охират) ўртасидаги барча иш-амаллар ҳам Ёлғиз Уникидир. Парвардигорингиз унутгувчи эмасдир. У осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг Хожа сидир. Бас, Сиз Унга ибодат қилинг ва Унинг ибодатида сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ, билмассиз!)»
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ушбу икки оятда Оллоҳ таолонинг муқарраб фаришталаридан бўлмиш Жаброил алайҳис-салом айтган сўзлар зикр қилинади. Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга бир муддат ваҳий келиши тўхтаб қолганидан сўнг Жаброил келганида у зот: “Эй Жаброил, бизнинг ҳузуримизга кўпроқ келишдан сени нима манъ этур?” деб сўрадилар. Шунда у Оллоҳ таолонинг Амри билан ушбу оятларда мазкур бўлган сўзларни айтди. (Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар).
Икрима айтади: “Ўшанда Жаброил алайҳис-салом қирқ кун келмасдан қолган эди”.
“Тафсири Розий”да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган яна бошқа бир ривоятда айтилишича эса, Жаброил алайҳис-салом келмай қолган ўша кунларда Макка мушриклари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан асҳоби Каҳф қиссаси, Зулқарнайн ва руҳжон ҳақида сўрайдилар. Пайғамбар алайҳис-салом уларга қандай жавоб қилишни билмай ғамга ботадилар ва бу нарса у зотни қаттиқ қийнайди. Бунинг устига мушриклар: “Муҳаммадни Парвардигори тарк этди, уни ёмон кўриб қолди”, деб гап тарқатадилар. Бас, қачонки Жаброил тушгач, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом: “Эй Жаброил, менга келмай қўйганингдан ҳатто ёмон гумонларга ҳам бордим, сени жуда соғиниб қолдим-ку”, деган эдилар, у: “Мен Сизни кўпроқ соғинганман. Лекин мен ҳам буйруққа бўйинсунгувчи бир қулман, юборилсам, тушаман, тўхтатиб қўйилсам, кела олмайман”, деб жавоб берди ва ушбу оятлар ҳамда Ваз-зуҳа сурасининг мана бу ояти: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингиз Сизни тарк этгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқдир.” (Ваз-зуҳа сураси, 3-оят) нозил бўлди. (“Тафсири Бағавий”дан олинди).
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Жаброил алайҳис-саломга ваҳий келиши тўхтаб турганидан ташвишга тушиб қолган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига тушиб, мана бу сўзларни айтишни амр қилди: “Биз - фаришталар Оллоҳ таолонинг элчи ва пайғамбарлари ҳузурларига ҳеч қачон ўз ихтиёримиз билан туша олмаймиз, балки фақат Ҳақ таолонинг Ўзи буюрган вақтлардагина Унинг бандалар учун дунё ва Охиратларида хайрли бўлган Амр-Фармонларини олиб тушурмиз. Барча иш Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлидадир. Олдимизда келадиган Охират ва ундаги савоб ёки азоб ҳам, ортимизда қоладиган дунё ҳам, бу иккисининг ўртасида рўй берадиган барча ишлар ҳам Ёлғиз Унинг Амри билан бўлур. Жумладан, маълум муддат ваҳий нозил бўлиши тўхтагани ҳам Ёлғиз Яратганнинг Ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли, Унинг Амри билан бўлди, Оллоҳ таоло Сизни унутиб қўйгани йўқ, - Парвардигорингиз ҳеч нарсани ҳеч қачон унутгувчи эмасдир. Чунки У ўтмиш, ҳозир ва келажакнинг, яъни, барча замонларнинг Ёлғиз Хожаси бўлгани янглиғ, осмонлар, Ер ва улар-нинг орасидаги барча маконларнинг ҳам Ёлғиз Хожасидир, уларни йўқдан бор қилган Ёлғиз Яратгувчиси ва Ўз қабзасида тутиб турган Парвардигоридир. Бас, Парвардигорингиз Ўзи яратган ва Ўзи тасарруф қилиб турган махлуқотини қандай унутсин? Оллоҳ Ёлғиз Яратгувчи, Бошқаргувчи, Ризқлантиргувчи, барча махлуқотларга улар муҳтож бўлган жисм, ҳаёт ва яна бошқа сон-саноқсиз неъматларни ато Этгувчи Танҳо Зотдир. Сиз жаҳонда яна бирон бир Ўша Зотга отдошлик қила оладиган, яъни, Унга тенг кела оладиган кимса ёки нарса борлигини билурмисиз? Албатта йўқ. Чунки Унинг тенги йўқдир. Бас Сиз ана ўша Парвардигорингизга ибодат қилишда собит-барқарор бўлинг, тоат-ибодат машаққатларига сабр-тоқат қилинг, айрим ваҳий нозил бўлиши сустлашган вақтларда ҳам асло сустлашмасдан зиммангиздаги улуғ вазифани адо этишда бардавом бўлинг”.
Оллоҳ таоло ҳеч кимни ва ҳеч нарсани унутмаслиги ҳақида Абуд-Дардо розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳтаоло ўзининг Китобида нимани ҳалол қилган бўлса, ана ўша нарса ҳалолдир, нимани ҳаром қилган бўлса, ана ўша нарса ҳаромдир, нима ҳақида сукут қилган (яъни, ҳалол ёки ҳаромлигини айтмаган) бўлса, бас, у офиятдир - Оллоҳ таоло берган енгиллик-омонликдир. Бас, сизлар Оллоҳнинг офиятини қабул қилинглар. Чунки Оллоҳ ҳеч нарсани унутиб қолдирмас”, дедилар, сўнгра мана шу: “Парвардигорингиз унутгувчи эмасдир”, оятини ўқидилар. (“Тафсири Мунийр”дан).

66. (Кофир) инсон: “Ўлганимдан сўнг яна тирик ҳолда (қабримдан) чиқарилар эканманми?!”, дер.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ушбу оят Макка мушрикларидан Убай ибн Халаф ҳақида нозил бўлган. У чириган суякларни топиб олиб уларни кўли билан синдирар ва: “Муҳаммаднинг даъво қилишича, бизлар ўлиб, мана бу суякларга ўхшаб чириб кетганимиздан кейин яна қайтадан тирилар эмишмиз”, дер эди. (Воқидийнинг “Асбобун-ну-зул” китобидан).
Ибн Аббосдан ушбу оят Валид ибн Муғийра ва унинг ҳамтовоқлари ҳақида нозил қилинган, деган ривоят ҳам бор. (“Тафсири Қуртубий”). Лекин, муфассирларнинг таъкидлашларича, гарчи ояти карима нозил қилинишига мазкур кимсаларнинг айтган сўзлари сабаб бўлган эса-да, оятнинг хукми ом бўлиб, барча замон ва маконлардаги Охират ҳаётини ва қайта тирилишни инкор қиладиган динсиз кимсаларнинг барчасига тааллуқлидир. Ундай кимсаларнинг Охират диёридаги аҳволлари ҳақида бошқа бир оятда шундай хабар берилади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз (бирон нарсадан) ажабланадиган бўлсангиз, у ҳолда уларнинг (кофирларнинг): “Бизлар тупроқ бўлиб кетгач, яна янгитдан яратилар эканмизми?” деган гаплари жуда ажабланарлидир. Ана ўшалар (Яратган) Парвардигорларига кофир бўлган кимсалардир. (Қиёмат Кунида) ана ўшаларнинг бўйинларида кишанлар бўлур. Ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар”. (Раъд сураси, 5-оят).
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, агар Сиз мушриклар-нинг қилаётган ишларидан - уларнинг ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бут-санамларга сиғиниб дуо-илтижо қилишларидан ёки Сизнинг ҳеч қачон ёлғон сўзламаганингизни жуда яхши билганлари, ҳатто ўзлари Сизнинг исмингизга “амин - ишончли, ростгўй” деган сифатни қўшиб “Муҳаммадамин” деб номлаганлари ҳолда, Сиз ўзингизга нозил бўлган Қуръон оятларини уларга етказсангиз, Сизни ёлғончига чиқараётганларидан ажабланаётган бўлсангиз, у ҳолда мушрикларнинг ўзлари Ер-у осмонлардаги барча нарсани, жумладан уларнинг ўзларини ҳам яратган Зот Оллоҳ эканини эътироф этганлари ҳолда, Сиз уларга Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло барча инсонларни қайтадан тирилтириши ҳақида хабар берсангиз, “бизлар тупроққа айланиб кетгач, яна янгитдан яратилар эканмизми?” деб қайта тирилишни инкор этаётганлари янада ажабланарлидир. Ахир улар ўзларини ҳам, Ер-у осмонларни ҳам Ёлғиз Оллоҳ яратганини жуда яхши билар эдиларку?!”.

67. Ахир ўша инсон Биз уни илгари, ҳали у ҳеч нарса бўлмаган пайтида (қандай) яратганимизни (яъни, йўқдан бор қилганимизни) эсламасми?!
Яъни, Оллоҳ таоло уни йўқдан бор қилган эдику! Наҳотки йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот чириб-бўлиниб кетган жасадни қайтадан тиклаб, унга жон киритишга Қодир бўлмаса?! Албатта Қодирдир.
“Инсон Биз уни нутфадан - бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса ўша (ожиз - нотавон инсон) баногоҳ (Ўзимизга) очиқ қаршилик қилгувчи бўлиб қолганини кўрмадими?! У Бизга “Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?”, деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган Зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни Билгувчидир”. (Ёсин, 77-79-оятлар).
“У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (Қиёмат Кунида) Ўзи яна қайта яратадиган Зотдир. (Қайта яратиш - тирилтириш) У Зот учун (илк бор йўқдан бор қилишдан кўра) осонроқдир. Осмонлар ва Ердаги энг юксак мисол - хислат (яъни, Тенгсиз - Ягоналик хислати) Уникидир. У Қудрат ва Ҳикмат Эгасидир”. (Рум сураси, 27-оят).
Саҳиҳҳадисда келади: “Оллоҳтаоло айтади: “Одам боласи Мени ёлғончи қилди, ҳолбуки, Мени ёлғончи қилишга ҳақли эмас эди. У Менга озор берди, ҳолбуки, Менга озор беришга ҳақли эмас эди. Одам боласи Мени ёлғончи қилгани, унинг: “Оллоҳ ҳаргиз мени аввал-бошдаги ҳолимга қайтара олмайди”, деган сўзидир. Ҳолбуки, Менга аввал-бошда яратиш қайтадан яратишга нисбатан осонроқ эмас эди. Мени ёлғончи қилгани, унинг: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган сўзидир. Ҳолбуки, Мен туғмаган ва туғилмаган, бирон тенги бўлмаган Танҳо Беҳожат Зотдирман”. (“Тафсири Мунийр”дан).

68. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингизга қасамки, шак-шубҳасиз, Биз уларни (йўлдан оздирган) шайтонлари билан бирга тўплармиз, сўнгра албатта (барчаларини) жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қилурмиз.
Ушбу ва куйидаги оятларда Ҳақ таоло Ўз Зотига қасам билан Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, шак-шубҳасиз рўй берадиган қайта тирилиш Куни даҳшатлари ҳақида хабар беради ва у Кунда ана ўша қайта тирилишни инкор қилаётган кофирларнинг ўзларини ҳам, сиғинган бут-шайтонларини ҳам албатта тирилтириб, қабрларидан чиқариб, маҳшаргоҳга тўплашини, сўнгра, дунё ҳисоби билан эллик минг йил давом этадиган сўроқ-савол ва ҳисоб-китобдан кейин кўрқувдан оёқларида тура олмай тиз чўкиб ўтириб қолган ҳолларида судраб олиб келиб, барчаларини жаҳаннам атрофига занжирбанд қилиб тизиб қўйишини айтади. “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр”да кофирларнинг жаҳаннамга ташланишларидан олдин унинг атрофида тиз чўктириб ўтқазиб кўйилишларининг ҳикмати, токи бахтли инсонлар (яъни, мўмин-мусулмонлар) Оллоҳ таоло уларга қандай азобдан нажот берганини кўриб, шодликларига шодлик кўшилиши, бахтсиз кимсалар (яъни, ана ўша жаҳаннам атрофида ана-мана дўзах ўтига ташланишларини кутиб қўрқиб-қалтираб ўтирган кофирлар) эса, ўзларининг қандай мудҳиш жиноят қилганларини ўйлаб, ҳасрат-надоматлари янада зиёда бўлиши учундир, дейилади.

69. Сўнгра албатта ҳар бир шийъадан - тўдадан қай бир кимса Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлганини суғуриб олурмиз (ва жаҳаннамга отурмиз).
Яъни, Биз кофирларни жаҳаннам атрофига тиз чўктириб қўйганимиздан кейин уларнинг ҳар бир тоифасидан - мушриклардан, мажусийлардан, дахрийлардан, яҳудийлардан, насронийлардан ва яна бошқа кофир, бузғунчи фирқалардан уларнинг орасидаги Меҳрибон Парвардигорига энг кўп ва қаттиқ осий бўлган кимсаларни суғуриб олиб, ана ўшаларни энг аввал жаҳаннамга отурмиз.
Уламолар уқтиришларича, «Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлган» кимсалар халқни Ҳақ Йўлидан оздириб боши берк кўчаларга бошлаган доҳийлардир.
У бузғунчи шийъа-тўдаларнинг жаҳаннамга тушганларидан кейин кўрадиган азоб-уқубатлари ҳам уларга эргашиб Ҳақ Йўлидан озган кимсаларга нисбатан неча баробар зиёда бўлади. Бу ҳақда бошқа оятларда шундай хабар берилган: “Кофир бўлган ва (одамларни) Оллоҳ Йўлидан тўсган кимсаларга бузғунчилик қилганликлари сабабли азоб устига азобни зиёда қилурмиз”. (Наҳл сураси, 88-оят).
Юқоридаги оятларда Тўғри Йўлга юрмаган ва Ҳақ Динни қабул қилмаган кофир-мушрик кимсалар Қиёмат Кунида гирифтор бўладиган азоб-укубатлар зикр қилингач, энди ушбу ояти каримада ўзи кофир бўлганидан ташқари бошқаларни ҳам Оллоҳнинг Йўлидан тўсган кимсаларни Охират диёрида қандай жазо кутаётгани ҳақида хабар берилади. Ҳақ таоло аниқ ва қатъий огоҳлантирадики, кимда-ким Оллоҳ ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга кофир бўлса ва бу мудҳиш жинояти устига ўзгаларни ҳам Оллоҳнинг Йўлидан - Дини Исломдан тўсиш билан иккинчи мудҳиш жиноятни ҳам қиладиган бўлса, ундай кимсалар Ер юзида бузғунчилик қилганлари учун Қиёмат Кунида албатта икки баробар азобга гирифтор қилинадилар. Оллоҳ таоло у жиноятчи кофирларга азобни қай тарзда зиёда қилиши мана бу Ҳадиси шарифдан аён бўлади: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анху ривоят қилди: Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта дўзах аҳли унинг иссиғига чидай олмай дўзахдаги саёзроқ жойга интиладилар. Бас, ўша жойга етишганида, уларни худди қора хачирлар каби улкан чаёнлар ва гўё узун бўйинли баҳайбат туялардек илонлар кутиб олиб, аёвсиз чақа бошлайдилар. Мана шу уларга азоб устига азобнинг зиёда қилинишидир!” (Ҳоким ва Байҳақий ривоят ҳилганлар. “Тафсири Мунийр”дан). “Албатта улар ўзларининг юк-гуноҳларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа) юкларни ҳам кўтарурлар ва албатта Қиёмат Кунида ўзлари тўқиб олган (ёлғонлари) тўғрисида сўралурлар”. (Анкабут сураси, 13-оят).

70. Сўнгра, ҳеч шак-шубҳа йўқки, Биз Ўзимиз (жаҳаннамга) киришга кимлар лойиқроқ эканликларини жуда яхши Билгувчидирмиз.
Албатта, Оллоҳ таоло бандалардан ким жаҳаннам оловига кириб, у жойда мангу азобланишга лойиқроқ эканини ҳам, ким икки баробар азобланишга ҳақлироқ эканини ҳам энг яхши Билгувчидир. Чунки Охират диёрида, Маҳкамайи Илоҳийда қандай ҳукм чиқарилишини ўша Маҳкама Эгасидан бошқа ҳеч ким била олмайди. Бас, бандаларнинг ўзлари ва ёки бошқа бировлар ҳақида ҳукм чиқариб, “фалончи жаннати, фалончи дўзахи”, деган сўзларни айтишга ҳеч бир ҳақлари йўқдир.
“Сўнгра (бандалар) ҳақиқий Хожалари - Оллоҳга қайтарилурлар. Огоҳ бўлингизким, ҳукм қилиш Унинг Ўзигагина хосдир ва У жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир”. (Анъом сураси, 62-оят).
Яъни, вафот қилгандан кейин барча бандалар Қиёмат Кунида Ҳақиқий Хожалари - Эгалари бўлмиш Оллоҳ таоло маҳкамасига тўпланиб, Унинг Ҳукмига кўз тутиб турадилар. Демак, ҳеч ким тупроққа айланиб йўқ бўлиб кетмайди ёки Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бошқа бировнинг олдига ҳукм сўраб бормайди. Чунки кимни қаёққа ҳукм қилиш бирон шериги йўқ, дунё ва Охиратнинг, жаннат ва дўзахнинг танҳо Эгаси бўлмиш Оллоҳ таолонинг Қўлидадир ва У жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир. Бас, оқил инсон У Кундаги ҳисоб-китобдан илгари яъни, ҳаётлик пайтида ўзини ўзи ҳисоб-китоб қилиб бориши керак. Чунки у Охиратга қараб кетаётган бир тижоратчидир. Унинг сармояси - бутун умри, топган фойдаси - қилган тоат-ибодати, кўрган зиёни - қилган ёмонлик-гуноҳларидир. Унинг савдодаги шериги нафси бўлиб, бу нафс яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам юраверади, аммо гуноҳ-маъсиятларга мойилроқ. Шунинг учун уни доимо кузатиб, тузатиб туриши керак. Ана ўшанда жуда тез келиб қолгувчи Охират ҳисоб-китоби унингучун осон бўлади.

71. Сизлардан ким бўлмасин, албатта унга тушгувчидир. (Бу) Парвардигорингизга (яъни, У Зотнинг Амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир.
Ояти каримадаги “ворид” калимаси қандай маънони англатиши ҳақида уламолар ўртасида ихтилоф бор: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва аксари муфассирлар ворид бўлиш тушиш маъносида эканлигини айтадилар ва: “Оят яхши ҳам, ёмон ҳам албатта дўзахга тушиши, сўнгра Оллоҳ таоло тақволи бандаларига нажот бериб, ундан чиқариб юбориши ҳақида хабар бермоқда”, дейдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинган мана бу саҳиҳ ҳадислар ҳам шу тафсирни қувватлайди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уч боласи ўлган ва бу мусибатга сабр қилган мусулмон дўзахга кирмайди, магар, Оллоҳ таолонинг (“Сизлардан ким бўлмасин, албатта дўзазга тушгувчидир”, деган) қасамини рост қилиш учунгина кирур”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган ва қалбида арпа дони вазничалик яхшилик - иймон бўлган киши дўзахдан чиқур, “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган ва қалбида бўғдой дони вазничалик яхшилик бўлган киши дўзахдан чиқур, “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган ва қалбида зарра вазничалик яхшилик бўлган киши дўзахдан чиқур”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди. У айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ворид бўлиш киришдир. Яхши ҳам, ёмон ҳам қолмасдан албатта дўзахга кирур. Бас, у мўминларга худди Иброҳим алайҳис-саломга бўлганидек салқин ва омонлик бўлур”, деяётганларини эшитдим”. (Аҳмад ва Ҳаким ривоят қилганлар. “Тафсири Куртубийдан).
Бошқа уламолар эса: “Ворид бўлмоқ ўтмоқ маъносидадир. Дўзахга ворид бўлиш дўзах устига қурилган сирот кўпригидан ўтиш деганидир”, дейдилар ва сўзларига далил сифатида Ибн Жарир Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳудан ривоят қилган мана бу ҳадисни келтирадилар: “Сирот жаҳаннам устидаги худди қилич тиғидек бир кўприкдир. Бас, биринчи табақа одамлар ундан гўё чақмоқ янглиғ ўтиб кетадилар, иккинчи табақа шамолдек, учинчилари энг чопқир отдек, тўртинчилари энг яхши чорва ҳайвонларидек тезликда ўтадилар, сўнгра яна ўтаверадилар, уларни кузатиб турган малоикалар бўлсалар: “Оллоҳим, уларни жаҳаннамга қулашдан Ўзинг асра, Ўзинг асра”, деб дуо қилиб турадилар”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Уламолар орасида яна: “Ушбу оятдаги мўминлар ҳам албатта тушадиган дўзахдан мурод, Охиратдаги кофирлар учун тайёрлаб кўйилган жаҳаннам эмас, балки ҳаёти дунёда ҳар бир мўминнинг ҳам бошига тушиши мумкин бўлган иситмада куйиб-ёнишдир, чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Иситма мўминнинг дўзахдан бўлган насибасидир”, деганлар”, (Абу Ҳурайра, Оиша ва Анас розияллоху анҳумдан ривоят қилинган) деб тафсир қилган кишилар ҳам бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бошқа бир ҳадисда ҳам айтилади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алаҳи ва саллам иситмада ёнаётган бир беморни кўргани кирдилар ва: “Шодлангин! Чунки Оллоҳ таоло: “Иситма Менингҳаёти дунёдаги дўзахимдир. Мен уни мўмин бандам устига токи унинг дўзахдан бўлган насибаси бўлсин деб туширурман”, дейди”, дедилар”. (Аҳмад, Ибн Можжа ва бошқалар ривоят қилганлар).

72. Сўнг Биз тақводор бўлган зотларга (ундан) нажот берурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз.
Ушбу ояти карима мазмуни юқоридаги оятда зикр қилинган ворид бўлиш, Ибн Аббос ва кўпчилик уламолар тафсир қилганларидек, дўзахга тушиш деган маънода эканлигига далолат қилади. Чунки Оллоҳ таоло бу оятда тақволи бандаларини дўзахдан чиқариб, золим-кофирларни у жойда қолдириши ҳақида хабар беради. Аҳли сунна вал-жамоа, яъни, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашадиган жамоат эътиқоди мана шудир - гуноҳи кабира қилган мўмин ҳам дўзахга тушади ва қилган гуноҳига яраша жазосини олгач, Оллоҳ таолонинг Раҳмат-Марҳамати билан ундан чиқарилади.
Қуртубий ўз тафсирида Холид ибн Маъдон раҳимаҳуллоҳнинг: “Қачон жаннат аҳли жаннатга кирганларида: “Парвардигоримиз барчаларингиз дўзахга ворид бўласизлар деган эдику, яъни, биз дўзахга тушмадикку?” дейдилар шунда уларга: “Сизлар дўзахга ворид бўлдингизлар, лекин уни совуб кулга айланган ҳолда топдингизлар, яъни, дўзах эканлигини ҳатто сезмадингизлар ҳам”, дейилади”, деган сўзларини келтириб айтади: “Мана бу сўз ояти каримадаги дўзахга ворид бўлиш калимаси хусусида айтилган турли сўзларни бирлаштиради. Чунки ким дўзахга ворид бўлса-ю, яъни, тушса-ю, аммо дўзах унга ўз ўти ва тафти билан озор бермаган бўлса, у инсоннинг дўзахдан узоқ қилингани ва ундан нажот топгани мана шудир. Оллоҳ таоло Ўз Фазлу Раҳмати билан бизларга ҳам дўзах азобидан нажот берсин ва бизларни ҳам унга соғ кириб, саломат чиқиб кетадиган бандаларидан қилсин”.

73. Қачон (мушрикларга) очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, у кофирлар иймон келтирган зотларга: “Қайси гуруҳ яхшироқ мартаба ва гўзалроқ мажлисда?”, дейдилар.
Яъни, қачон Макка мушрикларига, балки ҳамма замон ва маконлардаги мушрик-кофир кимсаларга Илоҳий Мўъжизалиги очиқ кўриниб турган ва барча масъалага очиқ-равшан жавоб берадиган Қуръон оятлари тиловат қилинса, у оятларнинг мағзини чақиб, тушуниб, уларга иймон келтириш ўрнига, ўзларининг ҳақиқатдан ҳам тубан кимсалар эканликларини кўрсатиб, мўминлар орасидаги бечора-мискин кишиларга ишора қилиб: “Агар чиндан ҳам Қуръон ҳақ бўлса, у ҳолда нега унга иймон келтирганлар хор-зор, йиртиқ-ямоқ кийимларда, егани нон топа олмай юрибдилар?! Агар ростдан ҳам бизлар нотўғри йўлда бўлсак, у ҳолда нега барчамиз бой-бадавлатмиз, мўминлардек хароба кулбаларда эмас, гўзал қаср ва саройларда яшаймиз?!” деб юзсизлик қиладилар, гўё уларнинг орасида бирон камбағал-бечора йўқдек, гўё мўминлар орасида бирон бой-бадавлат инсон йўқдек. Уларнинг бу сўзларидан кўзлаган ғаразлари динсизлик - бой-бадавлат бўлиш ва бахтли ҳаёт кечиришнинг гарови деб мўминларни чалғитиш ва Ҳақ Йўлдан оздиришдир.
Қолаверса, мушрик-кофирларнинг бу сўзлари уларнинг ҳақиқатда ҳам бахт нима, бадбахтлик нима эканлигини идрок эта олмайдиган чин маънода қоронғи ва жоҳил махлуқлар эканликларига очиқ ҳужжатдир.

74. Ҳолбуки, Биз улардан илгари қанча молу матоъ ва суратлари янада чиройлироқ бўлган аср-авлодларни ҳалок қилгандирмиз!
Ушбу ояти карима юқоридаги оятда зикр қилинган мушрикларнинг айтган сўзларига берилган Илоҳий Раддиядир, куфр охир-оқибатда шак-шубҳасиз ҳалокатга олиб бориши аниқ эканлиги ҳақида Илоҳий огоҳлантиришдир. Ояти каримада Ҳақ таоло Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳтаолонинг Элчиси эканликларига иймон келтирмаган Макка мушрикларини қаттиқ огоҳлантиради, уларнинг устларига ҳам илгари ўтган ва ўзларига юборилган пайғамбарларга иймон келтирмаганлари учун ҳалок қилинган қавмларнинг куни тушиб қолиши мумкин эканлигини таъкид билан эслатади, “Биз жиноятчи қавмни мана шундай жазолаймиз”, (Юнус сураси, 13-оятдан) деб, иймонсизлик энг катта жиноят эканини, иймонсиз жамият Оллоҳ таолонинг ҳақли - адолатли жазосига - ҳалокатга маҳкум эканини уқтиради.
Дарҳақиқат, асрлар давомида Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб алайҳимус-салом каби кўп пайғамбарларнинг қавмлари уларга иймон келтирмаганлари сабабли ҳалок бўлиб кетганларига кўҳна тарих гувоҳ эди ва бу фожеалар одамлар ўртасида машҳур бўлиб, авлодлардан авлодларга ўтиб айтилиб келар эди, Ернинг ҳар тарафларида Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган қавмлардан қолган харобалар, култепалар борлигидан Мак-ка мушриклари ҳам хабардор эдилар.

75. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Ким залолатда бўлса, бас, Раҳмон унга янада узунроқ муддат - муҳлат бераверсин. То қачон улар ўзларига (яъни, йўлдан озганларга) ваъда қилинган нарсани - ё (дунё) азобини ёки (Қиёмат) Соатини кўрганларида - ана ўшанда албатта кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари ожизроқ эканини билиб олурлар!”
Ушбу ояти каримада бутун коинот ва барча махлуқотга умр, ризқ бергувчи Зот баъзи бир кофирларга берилган узун умр, кенг ризқ ва яна бош-қа имкониятлар улар учун яхшилик бўлмай, балки аксинча ёмонлик экани ҳақида хабар беради. Чунки динсиз кимсалар қанча узоқ яшасалар, куч ва имкониятлари қанча кўп бўлса, шунча кўп гуноҳ қиладилар. Қилаётган зулм-зўравонликларига бу ҳаёти дунёда жазо берилмагани сари улар янада ҳаддан ошадилар, зулм, тажовузларини янада кўпайтиради-лар. Ўзлари кофир бўлиб туриб шундай “зўр ҳаёт” кечираётганларини кўрганлари сари уларнинг куфр-исёнлари янада зиёда бўлаверади, тавба эшигидан узоқлашаверадилар, ўзлари сезмаган ҳолларида, бутун умрлари давомида қилган жиноятлари учун бериладиган муҳаққақ жазо - дўзах эшигига яқинлашаверадилар. Сўнгра ҳаёти дунёларида куфр, зулм кўпикларида қанча кўпириб-кўтарилган бўлсалар, Охиратларида шунчалик тубанликка дучор бўладилар, хор қилгувчи азобга гирифтор бўладилар. “Оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса Биз ўзлари билмай қоладиган тарафдан секин-аста (ҳалокатга) олиб борурмиз. (Ҳозирча) уларга муҳлат бериб қўюрман. Албатта Менинг “макрим” қаттиқдир”. (Аъроф сураси, 182-183-оятлар).
Бас, маълум бўладики, Оллоҳ таоло томонидан ато қилинган муҳлат - умрни куфр билан ўтказиш гарчи бу умр барча ҳою-ҳавасларга эришиб, фақат ноз-неъматлар устида ўтган бўлса ҳам - энг бахтсиз кимсаларнинг насибаси экан.
Ҳақ таоло наздидаги энг бахтли инсон эса гарчи умри у қадар кенг-фаровон ўтмаса-да, энг катта бойлик - иймонга эга бўлиб, ҳаёти дунёда ўзи учун берилган муҳлатни мўмин ҳолда ўтказиб, Яратганнинг хузурига иймон билан борган инсон экан.
Ушбу ояти карима кофирлар учун жуда жиддий огоҳлантиришдир, шунингдек, ушбу ояти карима баъзи бир кофирларнинг бу тўрт кунлик дунёда яйраб, бой-бадавлат, тўкин сочин яшаётганларини кўриб оғизларидан суви келиб, “ё шуларнинг тутган йўли тўғримикин-а”, деб сайрайдиган айрим нодон мусулмонлар ҳам, - (агар улар Оллоҳнинг ва мусулмонларнинг душманларига қилаётган бу хизматлари билан иймондан ажраб қолмаган бўлсалар) - ўта қаттиқ огоҳлантиришдир.

76. Оллоҳ Ҳақ Йўлда юрган кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур. (Абадий) қолгувчи солиҳ амаллар Парвардигорингиз наздида савоблироқ ва оқибати хайрлироқдир”.
“Оллоҳ Ҳақ Йўлда юрган кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур”.
Яъни, Оллоҳ таоло иймон келтириб Тўғри Йўлга юрган бандаларини ана ўша Ҳидоят Йўлида собитқадам қилур, уларга нусрат-ғалабаларни зиёда қилиб берур ва улар учун мукофот тарзида ишончларини янада зиёда қиладиган оят-мўъжизаларни нозил қилур. (“Тафсири Куртубий”).
Яна уламолар орасида ушбу жумлани Оллоҳ таоло Тўғри Йўлда тоат-ибодатда бардавом бўлган бандаларига жаннат йўлига ҳидоят топишни зиёда қилур”, деб тафсир қилган уламолар ҳам бор.
“(Абадий) қолгувчи солиҳ амаллар Парвардигорингиз наздида савоблироқ ва оқибати хайрлироқдир”.
Ояти каримада зикр қилинган “Ал-боқиёт ус-солиҳот - абадий қолгувчи солиҳ амаллар” ҳақида муфассирлар томонидан турли тафсирлар ривоят қилинди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Икрима ва Мужоҳид раҳимаҳумаллоҳ: “Мазкур солиҳ амаллар - Субҳоналлоҳ - Оллоҳ ҳар қандай айбу нуқсондан Покдир, Ал-ҳамдулиллоҳ - Ҳамд-сано Ёлғиз Оллоҳ учундир, Ла илаҳа иллаллоҳ - Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳ бордир ва Оллоҳу Акбар
-    Оллоҳ Буюкроқдир калималарини айтмоқликдир. Чунки бизга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Энг афзал Калом тўрт калимадир
-    Субҳоналлоҳ, Алҳамдулиллоҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Оллоҳу Акбар”, деган ҳадислари ривоят қилинган”, дедилар. (Бухорий ривояти).
Бу мавзуда яна бошқа ҳадислар ҳам ворид бўлган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Субҳоналлоҳ, Алҳамдуллиллоҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ, Оллоҳу Акбар дейишим мен учун устига қуёш чиқадиган барча нарсадан (яъни, дунё ва ундаги бор нарсадан) яхшироқдир”, дедилар. (Муслим ва Бағавий ривоят ҳилганлар).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ал-боқиётус-солиҳот”ни кўпайтиринглар”, дедилар. “Улар нимадир, ё Расулуллоҳ”, дейилган эди, айтдилар: “Такбир (Аллоҳу Акбар), таҳлил (Ла илаҳа илаллоҳ), тасбеҳ (Субҳоналлоҳ), алҳамдулиллоҳ ва ла ҳавла ва ла куввата илла биллаҳил-алиййил-азийм (яъни, бор куч ҳам, кувват ҳам энг Юксак ва Улуғ Оллоҳ биландир)”. (Аҳмад ривояти).
Саид ибн Жубайр, Масруқ ва Иброҳим раҳимаҳумуллоҳ эса, оятдаги “Ал-боқиётус-солиҳот”дан мурод беш вақт намоз ва Оллоҳтаоло бандаларига фарз қилган барча ибодатлардир, деб тафсир қилганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ҳам шундай ривоят бор.
(“Маолимут-танзийл” тафсиридан).
Шунингдек, Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳудан мазкур калималардан мурод, яхши ниятлар ва олий мақсадлардир. Чунки қилинган амаллар ниятларга қараб қабул қилинади ва Оллоҳ таоло ҳузурига кўтарилади”, деган тафсир ҳам бор.

77. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Бизнинг оятларимизга кофир бўлган ва: «Қасамки, албатта (қайта тирилганимда) менга мол-мулк ва бола-чақа ато этилур», деган кимсани кўрдингизми?
Ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида Бухорий ва Муслим шундай ривот қиладилар: Хаббоб ибн Аратт розияллоҳу анҳу айтди: “Мен жоҳилийят замонида темирчилик қилар эдим. Макка мушрикларидан Ос ибн Воил Саҳмийнинг ишини қилиб бердим. Ҳаққимни талаб қилиб борсам, у: “Йўқ! Оллоҳга қасамки, токи сен Муҳаммадга кофир бўлмагунингча ҳаққингни бермайман”, деди. Мен: “Билиб қўйгин, Оллоҳга қасамки, токи сен ўлиб, яна қайтадан тирилмагунингча (яъни, ҳеч қачон) Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга кофир бўлмайман”, деган эдим, у: “ўлганимдан кейин қайта тирилишим аниқми?” деди. Мен: “Ҳа, албатта”, дедим. Шунда у: “Ундай бўлса, токи ўлиб қайта тириладиган кунимгача менга тегма. Қачон қайта тирилсам, олдимга келасан. Албатта ўшанда мен жаннатда бўламан ва у жойда менинг молим ҳам, бола-чақам ҳам бўлади бас, мен сенга ҳаққингни бераман”, деб мени масхара қилганида Оллоҳ таоло ушбу ва қуйидаги оятларни нозил қилди”. (Воҳидийнинг “Асбобун-нузул” китобидан).

78. У ғайбни билиб олибдими ёки Раҳмон даргоҳидан аҳду паймон олганмикан?!
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оятдаги “У ғайбни билиб олибдими?!” жумласини “У ўзининг жаннатга киришини ва у жойда мол ва бола-чақага эга бўлишини Оллоҳ таоло ҳузуридаги Лавҳул-Маҳфуздан кўриб-ўқиб олибдими?” деб тафсир қилган. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ эса, “У ўзининг жаннати бўлиш ё бўлмаслигини билгудек гайб илмидан хабардор эканми?” деб тафсир қилади.
“ёки Раҳмон даргоҳидан аҳду паймон олганмикан?!”
Яъни, ёки у кофир кимсанинг қўлида ўзининг шак-шубҳасиз жаннатга кириши ҳақида Раҳмон - Меҳрибон Парвардигор томонидан берилган аҳд-паймон, яъни, Илоҳий ҳужжат бормикин?!

79-80. Йўқ! Албатта Биз унинг айтаётган ҳар бир сўзини ёзиб қўюрмиз ҳамда унинг учун азобни бениҳоя узун (яъни, ҳеч қачон тўхтаб-узилиб қолмайдиган) қилурмиз. У айтаётган нарсага (яъни, унинг бола-чақа ва мол-дунёсига) Биз меросхўр бўлурмиз ва у ҳузуримизга ёлғиз ҳолда келур.
Яъни, йўқ, у кофир кимсанинг ғайб илмидан мутлақо хабари йўқдир, шунингдек, у ўзининг жаннатга кириши ва ўша жойда унга мол-давлат, бола-чақа ато этилиши ҳақида Раҳмондан - Меҳрибон Оллоҳдан биронбир аҳд-васиқа ҳам олган эмас, демак, унинг айтаётган сўзлари қуруқ сафсата ва масхарабозликдан ўзга нарса эмасдир. Лекин Оллоҳтаолонинг малоикалари унинг айтган ҳар бир сўзини албатта номайи аъмолига ёзиб кўюрлар.
“Ана ўшалар шундай кимсалардирки, уларнинг устига ўзларидан илгари ўтган инсу жиндан иборат (кофир) умматлар қаторида (азоб) Сўзи ҳақ бўлгандир. Албатта улар зиён кўргувчи бўлдилар”. (Қоф сураси, 18-оят).
Кейин у ҳам ҳамма жонзотлар каби албатта ўлади ва ҳаёти дунёда топган барча мол-дунёси ҳам, бола-чақаси ҳам Ёлғиз Оллоҳга қолади. Сўнгра Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло уни жуда узун, яъни, ҳеч тугаб-узилиб қолмайдиган ашаддий азобга гирифтор қилур ва бу азоб унинг Оллоҳ таоло Шаънига туҳмат қилгани, Унинг оятларини масхара қилгани учун муносиб жазо бўлур.
Кофирларнинг Қиёмат Кунида Оллоҳ таолога қай аҳволда рўбарў бў-лишлари хусусида мана бу ояти каримада ҳам аниқ хабар берилган: “Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда, ёлғиз-ёлғиз келдингиз. Биз сизларга берган нарсаларимизни (яъни, мақтанадиган мол-дунёларингизни) ортингиз-да қолдирибсиз. Сизлар билан бирга ўзингизча Оллоҳга шерик деб гумон қилган - қўлловчиларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Ўрталарингиз узилиб қолибди. Ишониб юрган нарсаларингиз - бутларингиз сизлардан йўқ бўлибди!” (Анъом сураси, 94-оят).
Ушбу ояти карима Ҳақ таолонинг Қиёмат Кунида кофирларга айтадиган Сўзидир. У Куннинг келиши ҳам, бу Сўзнинг айтилиши ҳам жуда аниқ бўлгани учун ўтган замон феълида айтилди. Яъни, эй куфр аҳли, “мана” Бизнинг хузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда - ёлғиз-ёлғиз, яланғоч, ялангоёқ, онадан туғилгандек ҳолатда келдингиз. Биз сизларга берган мол-дунёни, хотинларингизни, болала-рингизни, хизматкорларингизни ҳаммасини ташлаб келибсиз, улардан биронтаси сизларга ҳамроҳ бўла олмай қолишаверибди. Ёнларингизда кўлловчиларингиз - бутларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Улар қаёқда қолишди?! Ахир сизлар: “Бут-санамларимиз Оллоҳнинг шериклари, улар Оллоҳ ҳузурида бизларни шафоат қилиб қўллайдилар”, деб даъво қилар эдинглар-ку! Ўрталарингиз узилиб қолибди-ку! Ишониб юрган бутларингиз сизлар уларнинг ёрдамига роса муҳтож бўлган вақтингизда ғойиб бўлиб қолишибди-ку!”.
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг аввалидаги “Калло” калимаси Қуръоннинг биринчи ярмидан жой олган сураларда келмаган, иккинчи ярмида эса, ўттиз уч ўринда такрорланади.
Бу калима ўз ўрнига қараб бир-бирига тамоман тескари бўлган икки хил маънода, яъни, ё юқоридаги жумла мазмунини таъкидлаш ёки уни бутунлай инкор қилиш маъносида ишлатилади. Ушбу оятда, уламоларнинг таъкидлашларича, калло - мутлақо йўқ, деган кескин инкор маъносида келгандир.

81. Улар (яъни, Макка мушриклари) Оллоҳни қўйиб, ўзларига куч-ҳимоячи бўлади, деб турли олиҳа - бутларни ушлаб олдилар.
Яъни, Қурайш қабиласидаги мушрик кимсалар, балки ҳамма замон ва макондаги барча мушриклар ҳам Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзига ибодат қилишдан бош тортадилар ва ўзларича бизга Оллоҳ ҳузурида қувват-ҳимоячи бўлади, бизларнинг гуноҳларимизни Оллоҳдан сўраб шафоат қилади, деб турли-туман бут-санамларни ўзлари учун илоҳ қилиб оладилар ва токи ўша ўзлари ясаб олган, “олиҳа”ларига сиғиниб-чўқинмагунларича кўнгиллари таскин топмайди. Ажабки, улар иззат-қувватни энг хор ва ожиз нарсалардан истайдилар - Қудратли Холиқдан эмас, ожиз махлуқлардан, жонсиз бутлардан сўраб дуо-илтижо қиладилар. Энг кулгили, балки энг ачинарли жойи, мушрик кимсалар ўзлари сиғиниб топинадиган бутларини тош, ёғоч, темир ва бошқа нарсалардан ўз қўллари билан ясаб оладилар-да, кейин уларни илоҳлар деб, яъни, Ер-у осмонларни, бутун коинотни яратган Оллоҳ таолонинг шериклари деб даъво қиладилар ва: “Мана шу (бизлар сиғинаётган бутларимиз) Оллоҳ хузурида бизнинг кўлловчиларимиз бўлади”, дейдилар”. Улар ниҳоят даражада жоҳил-нодон бўлганлари сабабли ўша жонсиз бутлари Охиратда уларни шафоат қилади деб ишонадилар. Мушрик кимсаларнинг аҳволи шудир. Аммо ояти карима мазмунини теранроқ англасак, унда зикр қилинган ширк аломатлари айрим ўзларини мусулмон санаб юрган кишиларда ҳам топилиб қолишини кўриб афсусланамиз. “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида: бу замонда кўп одамлар ўтиб кетган улуғларнинг мақбараларини зиёрат қилар эканлар, у қабрларни тавоф қилиб, қабр эгаларидан ҳожатларини раво қилишларини сўрашлари ва шундай қилсак албатта улар Охиратда Оллоҳтаоло хузурида бизларни шафоат қиладилар деб эътиқод қилишлари ҳам Оллоҳтаолога ширк келтириш билан баробардир”, дейилади.

82. Йўқ! (Қиёмат Кунида бутлари уларни қўллай олмайди, балки бутлар) уларнинг қилган ибодатларини инкор қилурлар ва уларга зид-душман бўлурлар.
Йўқ! Мушрикларнинг бу ишлари мудҳиш хатодир! Уларнинг бу даъволари мутлақо хомхаёлдир! Аниқки, Қиёмат Кунида мушриклар умр бўйи сиғиниб ўтган бутлар уларга ҳеч қандай ҳимоячи бўлмас, балки аксинча, у Кунда Оллоҳ таоло ўша жонсиз бутларга ҳам тил-забон ато этур ва улар мушрик кимсаларнингуларга ибодат қилганларини бутунлай инкор этурлар ҳамда уларга қувват-ҳимоячи эмас, аксинча тамоман зид-душманларга айланурлар. Қиёмат Кунида содир бўладиган бу даҳшатли манзара ҳақида бошқа бир оятда шундай хабар берилади: “(У Кунда) мушрик бўлган кимсалар ўзларининг бутларини кўрган вақтларида: “Пар-вардигоро, анавилар биз ширк келтирган бутларимиздир, бизлар Сени қўииб, ана ўшаларга дуо-илтижо қилар эдик”, деганларида, у (бутлар бунга жавобан): “Сизлар, шак-шубҳасиз ёлғончидирсизлар”, деб гап қотарлар”. (Наҳл сураси, 86-оят).
Яъни, Қиёмат Кунида дўзахга ҳукм қилинган мушрик кимсалар Оллоҳнинг азобидан қутулишнинг ҳеч бир чорасини топа олмай қолган вақтларида баногоҳ бутларини - ўзлари ҳаёти дунёда сиғиниб ўтган ва “мана шулар Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўладилар”. (Юнус сураси, 18-оят) деб ишонган бутларини кўриб қоладилар-да, худди чўкаётган одам ҳар қандай хас-хашакка ёпишганидек, ҳамма айбни бут-ларга тўнкамоқчи бўладилар, яъни, ўзларининг ширк келтиришларига ана ўша бутлар сабабчи бўлганини, демак, азобга ҳам ўшалар гирифтор қилиниши кераклигини айтмоқчи бўладилар ва: “Парвардигоро, анавилар биз Сенга ширк келтирган бутларимиз бўладилар, бизлар Сени қўйиб, ана ўшаларга дуо-илтижо қилар эдик”, дейдилар. Шунда Оллоҳ таоло кофирларни шармандайи шармисор қилиш учун у жонсиз бутларга забон ато этади ва улар мушрикларнинг даъволарини инкор қилиб: “Сизлар, шак-шубҳасиз, ёлғончидирсизлар. Бизлар ҳеч қандай илоҳ эмасмиз ва ҳеч қачон сизларни бизга сиғинишга буюрган эмасмиз”, дейдилар. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Оллоҳни қўйиб, Қиёмат Кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар! (Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Оллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар”. (Аҳқоф сураси, 5-6-оятлар).

83. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз кофирларга албатта уларни (гуноҳ-маъсиятларга) қўзғатадиган шайтонларни юборганимизни кўрмадингизми?
Юқоридаги оятларда кофир-мушрик кимсаларнинг ҳеч бир ақлли инсон айтиши мумкин бўлмаган куфр сўзлари ва эс-ҳушли одам қилиши мумкин бўмаган ширк амаллари зикр қилингач, ушбу оятда кофирларнинг бундай кирди-корларидан ажабланиб ғамга ботган Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга хитоб қилиниб, кофир кимсаларнинг жамийки иш-амаллари жин-шайтонларнинг васвасалари - йўлдан уришлари билан бўлиши эслатилади. Уламоларнинг иттифоқича, ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: “(Оллоҳ) айтди: «Бор, (сенга Қиёматгача умр бердим). Бас, улардан ким сенга эргашса, у ҳолда, шак-шубҳасиз жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур! Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкар)ингни торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни, уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъдалар қил. - Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур”. (Ал-Исро сураси, 63-64-оятлар).
Ибн Аббос ва Қатода розияллоҳу анҳум тафсир қилишларича, ояти каримада зикр қилинган иблиснинг овозидан мурод, Оллоҳ таолога исён қилишга чақирган барча овозлардир. Демак, гуноҳ ишларга чақирадиган барча кимсалар иблиснинг лашкарларидир. Мужоҳид эса, қўшиқ ва мусиқа иблиснинг овозидир”, дейди. (“Маолимут-танзил” тафсири).
Оятдаги “уларниг устига отлиқ ва пиёда (лашкари)нгни торт”, жумласи тафсирида Ибн Аббос, Мужоҳид ва Қатода розияллоҳу анҳум: “Иблиснинг инсу жиндан бўлган отлиқ ва пиёда лашкарлари бор - кимлар Оллоҳ таолога маъсият-итоатсизлик қилиш йўлида отлиқми, пиёдами юрар эканлар, ана ўшалар иблиснинг лашкарларидир”, дейдилар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
“Тафсири Мунийр”да эса, ушбу жумла бир тамсил бўлиб, ундан мурод, Оллоҳ таоло томонидан иблис алайҳил-лаънага қўлингдан келган барча ҳийла-найрангларингни биронтасини қолдирмай қилавергин, деб берилган рухсатдир, дейилади.
“...топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл”.
Уламоларнинг айтишларича, дарҳақиқат, иблис унга итоат этадиган кимсаларни судхўрлик, порахўрлик, ўғрилик каби ҳаром касб-корга ўргатиш билан улар топадиган мол-дунёларига шерик бўлиб олади, шундан кейин улар топган нарсаларини ҳаром ишларга сарфлайдилар, исрофгарчилик қиладилар, мол-дунёларининг закотини бермайдилар. Бундан ташқари иблис уларнинг топган фарзандларига ҳам шерикдир. Кимда-ким ҳаром йўллар билан фарзанд орттирса, билсинки, у боланинг отаси иккита - бири инсон, бири шайтондир. Бу ҳақда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда ҳам айтилган: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ораларингизда муғарриблар - насл-насабига бегона аралашиб қолганлар ҳам бордир”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, муғарриблар нимадир?” деган эдим, “Бир кимсаларки, уларнинг бино бўлишида жин шерик бўлган”, дедилар”. (Абу Довуд ривояти).
Самарқандийнинг “Баҳрул-улум” тафсирида ҳикоя қилинишича, иблис Ерга туширилганидан кейин Оллоҳ таолога илтижо қилиб: “Ё Роббим, Одамни деб мени Ерга тушириб қўйдинг, ҳузурингдан ҳайдадинг, энди менга уй бергин”, деган эди, Оллоҳ таоло: “Сенинг уйинг ҳаммом”, деди. “Одамларни тўплайдиган жойим-чи?” “Бозорлар ва тўрткўчалар”. “Ейдиган таомимчи?” “Бисмиллоҳ айтилмасдан тайёрлаган овқатлар”. “Ичимлигим?” “Барча маст қилгувчи нарсалар”. “Мен учун мажлисимга одам-ларни чақириб берадиган муаззин ҳам қилиб бергин”. “Сенинг муаззининг турли мусиқалар”. “Ўқийдиган китобим-чи?” “Шеър”. “Сўзлайдиган сўзим-чи”. “Барча ёлғон сўзлар”. “Менинг элчиларим кимлар?” “Барча фолбинлар”. “Одамларни овлайдиган тузоғим-чи?” “Хотинлар”.
Аҳмад ва Насоий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта шайтон Одам болаларининг йўлларида ўтиради. Аввал-бошда у Ислом Йўлини тўсиб ўтиради. Биров Ислом Динини қабул қилиб, мусулмон бўлишни истаганида шайтон унинг йўлини тўсиб: “Сен ўз динингни, ота-боболарингнинг динини тарк этиб мусулмон бўласанми?” деб унинг йўлини тўсди, аммо у инсон шайтоннинг сўзига қулоқ солмади, унга итоат қилмади ва мусулмон бўлди. Сўнгра у мусулмон Маккадан Мадинага ҳижрат қилмоқчи бўлганида шайтон ҳижрат йўлига ўтириб олиб: “Мана шу Ерингни, осмонингни ташлаб ҳижрат қилиб кетаверасанми?” деб васваса қилди, аммо у мусулмон шайтонга бўйин эгмасдан ҳижрат қилди. Сўнгра у молу жони билан Оллоҳ Йўлида жиҳод қилиб курашмоқчи бўлганида шайтон жиҳод йўлини ҳам тўсиб: “Сен энди жанг-жадалларда ўлиб кетаверасан, аёлингни бўлса бошқалар хотин қилиб олиб кетаверадилар, мол-мулкинг ҳам бировларга қолиб кетаверади”, деб иғво қилди, аммо мусулмон шайтонга итоат қилмади - Оллоҳ Йўлидаги курашдан қайтмади. Одамлардан ким мана шундай қилган бўлса - шайтонга бўйинсунмаган бўлса, у инсонни жаннатга киритиш Оллоҳнинг зиммасида бўлади”, деб марҳамат қилдилар.
“...уларга (ёлғон) ваъдалар қил”.
Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур.
Ояти каримадаги ушбу жумлаларнинг энг яхши тафсири мана бу оятдир: “Қачонки, иш тугагач (яъни, ҳисоб-китоб битиб, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга киришгач), шайтон: «Албатта Оллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен эса (ёлғон) ваъдалар бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингизда ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чақиришим биланоқ ўзингиз менга итоат этдингиз. Энди мени маломат қилмай, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам бергувчи эмассиз. Албатта мен сизлар илгари (Оллоҳга) мени шерик қилганингизни инкор этурман”, деди. Албатта золимлар (яъни, кофирлар) учун аламли азоб бордир!” (Иброҳим сураси, 22-оят).

84. Бас, Сиз улар устида шошқалоқлик қилманг (яъни, нега азобга гирифтор бўла қолмаяптилар, деб ҳайрон бўлманг)! Ҳеч шак-шубҳасиз, Биз уларнинг (қолган ой, кунларини ҳам, қилаётган гуноҳларини ҳам) аниқ ҳисоб-китоб қилиб санаб турибмиз.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳам, барча мўминларни ҳам Ер юзида бузғунчилик қилиб юрган мушрик-кофир кимсалар ҳақида “нега уларнинг устига Оллоҳнинг балоси туша қолмаяпти? қачон одамлар бу бузғунчиларнинг фисқу фасодларидан қутулар эканлар?” деб шошқалоқлик қилмасликка буюради ва Унинг Ўзи уларнинг ҳар бир нафасини санаб қўйгани, ана ўша саноқ битганидан кейин улар бир нафас ҳам яшамасликлари ҳақида хабар беради. Демак, инсоннинг ҳаёти қанчалик узун бўлса ҳам ҳисобли кун ва саноқли нафасдан иборат экан. Ривоят қилинишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қачон ушбу оятни ўқиса, йиғлар ва: “Саноқнинг охиргиси жонингнинг чиқиши экан-да, саноқнинг охиригиси аҳлингдан ажралишинг экан-да, саноқнинг охири қабрингга киришинг эканда”, дер эди. (“Танвийрул-азҳон”дан). Халифа Маъмун бир жамоат уламолар олдида ушбу оятни ўқиб, Ибнус-Саммок раҳимаҳуллоҳга тафсир қилиб бергин, деб ишора қилган эди, у деди: “Қачонки нафаслар аниқ санаб қўйилган экан, улар учун бирон мадад-қўшимча бўлмас экан, бас, тугаб қоладиган ҳар бир нарса ўта тез ўтгувчидир”. (“Тафсири Қуртубий”дан).

85-86. Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган; Ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун яёв ҳолларида ҳайдайдиган Кунни (эсланг)!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз қавмингизга Қиёмат Кунида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни зикр қилинг. Биз у Кунда ҳаёти дунёдан тақво билан яшаб ўтган бандаларимизни отлиқ ҳолларида тўп-тўп қилиб Раҳмон даргоҳига, яъни, Ўз ҳузуримизга йиғамиз ва улар худди подшоҳ қасрига чақирилган меҳмонлар янглиғ ўзларига ато этиладиган Илоҳий инъом-марҳаматга мунтазир бўлиб турадилар.
Алий розияллоҳу анхудан ривоят қилинган хабарда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта тақводор зотлар Қиёмат Кунида қабрларидан чиқишлари билан уларни оппоқ, қанотлари бор туялар кутиб олур, у туяларнинг эгар-жабдуқлари олтиндан бўлур”, дедилар ва ушбу оятни ўқидилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Демак, дунёдаги муваққат ҳаётларида Оллоҳ таолодан қўрқиб, ҳаром гуноҳлардан парҳез қилиб, Яратган белгилаб қўйган чегаралардан чиқмасдан тоат-ибодат билан яшаб ўтган инсонлар учун Қиёмат Кунида ва умуман Охират диёридаги мангу ҳаётда ҳеч қандай қўрқув ёки ғам-ташвиш бўлмаслиги аён бўлади. Аммо ҳаёти дунёда Охират ғамини емасдан, Оллоҳ таолодан қўрқмасдан, У белгилаб қўйган чегараларни бузиб, умр-ларининг охиригача энг оғир жиноят - даҳрийлик, ширк ва куфр-исён билан ўтган кимсалар учун эса, Охират диёридаги мангу қўрқув, хорлик ва ҳеч қачон тугамайдиган жон чидагис азоб-укубатлар борлиги аниқдир.
У Кунда у жиноятчилар ташна, яёв ва ялангоёқ ҳолларида тўп-тўп қилиниб, жаҳаннамга қараб ҳайдаладилар.
Суддий айтади: “Қиёмат Соати келиб, мўмин қабридан чиқарилиши билан унинг олдида беқиёс гўзал суратли, беҳад ҳушбўй ҳидли бир хилқат пайдо бўлади ва унга: “Мени танийсанми?”, дейди. Мўмин: “Йўқ”, деб жавоб бергач, у: “Мен сенинг солиҳ амалинг бўламан. Дунёдаги ҳаётинг давомида мен сени минган эдим, (яъни, мудом яхши амаллар остида яшаган эдинг), энди сен мени миниб олгин”, дейди. Оллоҳ таолонинг мана бу Сўзининг мазмуни шудир: “Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган; ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган Кунни (эсланг)!” (Марям сураси, 85-86-оятлар).
Кофир эса, қабридан чиқарилиши билан унинг олдида беҳад хунук суратли, ўта бадбўй ҳидли бир махлуқ пайдо бўлади ва унга: “Мени танийсанми?”, дейди. Кофир: “Йўқ”, деб жавоб бергач, у: “Мен сенинг хабис-нопок амалингман. Дунёдаги ҳаётинг давомида сен мени минган эдинг, энди мен сени миниб оламан”, дейди. Оллоҳ таолонинг мана бу: “То қачон тўсатдан Қиёмат келиб қолганда улар устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: “У дунёда қилган сусткашлигимизга ҳасрат-надоматлар бўлгай”, деб қолдилар. Ў нақадар ёмон нарсани орқалаб юрадилар-а!”, (Анъом сураси, 31-оят) деган Сўзининг мазмуни шудир”.

87. (У Кунда) фақат Раҳмон даргоҳида аҳду паймон олган (яъни, Оллоҳни бир билиб зиммаларидаги фарзларни адо этган) кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар.
Яъни, Қиёмат Кунида мазкур жиноятчи-мушриклар ҳам, улар сиғинган бут-санамлар ҳам шафоатга - Оллоҳ таоло наздида оқланишга ва ўз-галарни оқлашга эга бўлмайдилар. Бас, у Кунда бутпарастлар ҳам, уларнинг бутлари ҳам ҳеч кимни шафоат қила олмаслар ва бирон кимса уларни шафоат қила олмас. Шафоат қилишга ва шафоатланишга фақат Оллоҳ таоло даргоҳидан аҳд-паймон олган - Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ” кали-масини айтиб мўмин бўлган ва солиҳ амаллар билан яшаб ўтган кишиларгина Оллоҳнинг Изни билан эга бўладилар. Аммо мушрик-кофирлар эса, “Энди қўллагувчиларнинг қўллови уларга фойда бермас!” (Муддассир сураси, 48-оят).
Яъни, Қиёмат Кунида ҳаёти дунёдан кофир бўлиб ўтган кимсалар ўзлари учун бирон қўлловчи топа олмаслар ва агар фаразан Ер юзидаги барча одамлар уларни шафоат қилган - қўллаган тақдирда ҳам бу шафоат уларга фойда бермас!
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бировингизнинг ҳар кун эрталаб ва кечқурун Оллоҳ таоло даргоҳидан аҳд-паймон олишга кучи етмайдими?” дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у нимадир, бизларга ўргатинг”, деб сўраган эдилар, у зот: “Кимда-ким ҳар куни эрталаб ва кечқурун: “Оллоҳим, эй осмонлар ва Ерни Яратгувчи, ғайбу шаҳодатни Билгувчи Парвардигор, албатта мен Сенга мана шу ҳаёти дунёда аҳд-паймон бериб айтаман: “Албатта мен ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Сенинг Ўзинг борлигингга, Сенинг учун бирон шерик йўқ эканлигига ва Муҳаммад Сенинг банданг ва Элчинг эканлигига гувоҳлик бераман. Бас, Сен ҳаргиз мени ўз нафсимга ташлаб кўймагин. Зотан, агар мени ўз нафсимга ташлаб қўядиган бўлсанг, у ҳолда албатта мени яхшиликдан узоқ, ёмонликка яқин қилган бўлурсан, мен ҳеч шак-шубҳасиз Ёлғиз Сенинг Раҳмат-Марҳаматингга ишонурман. Бас, Сенинг Ўзинг бу сўзларимни мен учун ҳузурингда бир аҳд-паймон қилиб, унинг ажрини менга Қиёмат Кунида тўла қилиб бергайсан. Албатта Сен ҳеч қачон ваъдага хилоф қилмассан”, деса, Оллоҳ таоло унинг бу сўзларининг устига муҳр босиб, Арш остига қўюр. Бас, қачон Қиёмат қойим бўлганда, бир жарчи: “Оллоҳ даргоҳида аҳд-паймони бор кишилар қани?” деб жар солганида, у киши ўрнидан туриб жаннатга кирур”, дедилар”. (“Тафсири Куртубий”дан).

88. (Мушриклар): «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар.
Ушбу ояти карима “Ийсо Масиҳ Оллоҳнинг ўғли”, дейдиган масиҳийларга, “Узайр Оллоҳнинг ўғли”, дейдиган яҳудларга ва “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари”, дейдиган динсиз мушрик кимсаларга қарши Илоҳий Раддиядир. Оллоҳ таоло ҳеч кимга муҳтож эмас, барча Унга муҳтождир. Жумладан У Буюк Зот оила, фарзандга муҳтож бўлиш айбидан мутлақо Покдир.
Демак, Оллоҳнинг Бирлигини тан сани, ўшалар ичида Узайрни ҳам, Ийсони ҳам, малоикаларни ҳам Ёлғиз Ўзи яратган бўлса, ҳамма нарса - хоҳлайдими-хоҳламайдими - Унинг Ўзига бўйсуниб турган бўлса, қандай қилиб ўша махлуқлардан кимдир бирови Холиққа фарзанд бўлиши мумкин?! Албатта, Оллоҳ таборака ва таоло ҳар қандай айбу нуқсондан, жумладан фарзанд тутиш айбидан ҳам мутлақо Покдир.

89-90-91. (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир нарсани айтдингизки, унинг сабабидан - Раҳмоннинг боласи бор, деган даъво(нинг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар парча-парча бўлиб қулашга яқин бўлур.
Ушбу оятларни диққат ва инсоф билан ўқиган киши дарҳақиқат, уларни осмону заминни ҳам, тоғу тошларни ҳам яратган Эгаси нозил қилганига иймон келтиради. Чунки Ерлик одамнинг хаёлига Ер ёрилишидан ўзга нарса келиши амри маҳолдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анхумо айтади: “Мушриклар: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган вақтларида инсон ва жинлардан бошқа жамийки махлуқот, осмонлар, Ер ва тоғлар даҳшатга тушганларидан тамоман йўқ бўлиб кетишга яқин бўладилар, малоикалар ғазабланиб, жаҳаннам олови кўкка ўрлайди”. (“Тафсири Бағавий”дан). Яъни, ҳеч қандай шерикка, ёрдамчига ёки болага муҳтож бўлмаган Танҳо Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтириш, “Унинг боласи бор” дейиш шу қадар оғир туҳматки, бирон ақлли инсон бундай бўҳтон сўзни айтиши мутлақо мумкин эмасдир. Нафақат инсон, балки Оллоҳ таолонинг жонсиз махлуқотлари бўлмиш Ер-у осмон ва тоғ-тошлар ҳам мушрик кимсалар оғзидан чиқаётган бундай бўҳтон сўзни эшитганларида унинг оғирлигини кўтара олмасдан ғазабдан тарс ёрилиб, парчаланиб, ер билан яксон бўлиб кетишга яқин бўладилар, бошқача айтганда, Қиёмат қойим бўлишига оз қолади. Фақат Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли ва Қиёмат Соати қачон келишини Унинг Ўзи аниқ белгилаб қўйгани боисидан Ердаги ҳаёт яна давом этаверади, бахти қаро мушрик кимсалар эса, ғафлат уйқусидан уйғонмасдан, яна ўзларининг: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган ботил ақидаларида адашиб-улоқиб юраверадилар. Ҳолбуки -

92. Раҳмон учун аслан бола тутиш лойиқ эмасдир (яъни, У Зот бола ёки бошқа бирон-бир шерикка мутлақо муҳтож эмасдир).
олмаслик Оллоҳнинг Борлигини тан олмаслик билан баробар куфрдир. Ахир, Осмонлар ва Ердаги барча нарУшбу оятнинг энг гўзал тафсири мана бу сурайи каримадир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «У - Оллоҳ Бирдир. (Яъни, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У Якка-ю Ёлғиздир). Оллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир (яъни, барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни, Оллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У Азалий ва Абадий Зотдир).
Ва ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир”. (Ихлос сураси).

93.    Албатта, осмонлар ва Ердаги бор жонзот (Қиёмат Кунида) Раҳмон ҳузурига (бош эгиб бўйинсунган) банда ҳолида келгувчидир.
Яъни Ер-у осмонлардаги фаришталар ҳам, инсонлар ҳам, жинлар ҳам - барча-барчаси Эгалик қул эканликларини бўйинларига олган ҳолларида Қиёмат Кунида Меҳрибон Оллоҳ таолонинг ҳузурига - Танҳо Эгалари ҳузурига келгувчидир. Албатта яҳудийлар: “Оллоҳнинг ўғли”, деб даъво қилган Узайр алайҳис-салом ҳам, насронийлар: “Оллоҳнинг ўғли”, деб даъво қилган Ийсо алайҳис-салом ҳам, мушриклар: “Оллоҳнинг қизлари”, деб даъво қилган фаришталар ҳам ана ўша бош эгиб келгувчи бандалар орасида бўлишлари аниқдир. Бас, бирон жонзот Оллоҳ субҳонау ва таолонинг фарзанди бўлиши мутлақо мумкин эмас, балки уларнинг ҳар бири У Зотнинг бандаси - қулидирки, бу ҳақиқат маҳшаргоҳда, ҳамма Оллоҳ таоло ҳузурига тўпланганида аниқ-равшан кўринади.

94.    Албатта, У Зот уларни санаб-ҳисоб қилиб қўйгандир.
Яъни, Яратган Парвардигор бандаларини йўкдан бор қилган кунидаёқ уларнинг сон-саноқларини ҳам, шахс ва нафсларини ҳам, оладиган нафасларини ҳам, умр-ажалларини ҳам, ўзларидан қолдирадиган из-амалларини ҳам аниқ ҳисоб қилиб, бирма-бир санаб кўйгандир. Демак, ҳеч ким Унинг Билими чегарасидан ва Қудрат қабзасидан қочиб қутулиб кета олмайди.

95.    Уларнинг ҳар бири Қиёмат Кунида якка ҳолда Унинг ҳузурига келгувчидир.
Яъни, Қиёмат Кунида, ҳисоб-китоб қилиниш учун Ҳақ таоло ҳузурига келганда ҳар бир инсон якка-ёлғиз ҳолида келади, бирон кимасанинг ёнида ёрдамчиси ёки қўлида сарфлаб Оллоҳнинг ҳақли жазосидан қутулиб кетадиган мол-дунёси бўлмайди. “У Кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас; Магар Оллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур).” (Шуаро сураси, 88-89-оятлар).
Ва фақат ҳаёти дунёда Охиратга ўтказиб қўйган солиҳ амаллари бўлса, ўшаларгина фойда беради.

96. Албатта иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилар учун Раҳмон (бандалари қалбида) дўстлик-муҳаббатни пайдо қилур.
Ушбу ояти карима сидқидилдан иймон келтирган ва Оллоҳ таоло рози бўладиган солиҳ амаллар қилиш билан У Зотнинг муҳаббатини қозонган мўминлар учун бир Илоҳий хушхабардир, уларни осмонлардаги муқарраб малоикалар ҳам, Ердаги солиҳ бандалар ҳам яхши кўришлиги ҳақидаги бир самовий муждадир. Демак, ҳар бир инсон учун энг керакли иш, унинг ҳар икки дунёда бахтли, саодатли ва севикли бўлишига кафолат берадиган амал - иймон ва Яратган белгилаб берган чегаралардан чиқмасдан, Унинг буйруқларини бажариш экан. Кимдаки мана шу икки нарса - иймон ва солиҳ амал бўлса, Уни Оллоҳ таоло севар экан, кимки Оллоҳ таолонинг севгисига мушарраф бўлса, албатта У Зот ўша бандаси учун Ўзининг яқин фаришталари ва солиҳ бандалари қалбига дўстлик-муҳаббатни жо қилиб қўяр экан. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадис ҳам гувоҳлик беради: Абу Ҳурайра розияллоху анху ривоят қилди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта Оллоҳ таоло қачон бир бандани яхши кўрса, Жаброил алайҳис-саломга: “Мен фалон бандамни яхши кўрдим, бас, сен ҳам уни яхши кўргин”, деб амр қилади. Бас, Жаброил ҳам у бандани яхши кўриб қолади, сўнгра самода жар солиб: “Албатта, Оллоҳтаоло фалон бандасини яхши кўрур, бас, сизлар ҳам уни яхши кўринглар”, дер. Бас, уни само аҳли бўлмиш фаришталар ҳам яхши кўриб қоладилар. Сўнгра Оллоҳ таоло у бандаси учун Ердаги солиҳ инсонлар қалбида ҳам қабулийят - мақбуллик ва маҳбублик пайдо қилур. Оллоҳтаолонинг “Албатта иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилар учун Раҳмон (бандалари қалбида) дўстлик-муҳаббат пайдо қилур”, деган Сўзининг маъноси шудир”. (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар).
Ҳарам ибн Ҳайён айтади: “Ким самимий қалб билан Оллоҳнинг Йўлига юзланар экан, албатта Оллоҳ таоло у бандасига иймон аҳлининг қалблари билан юзланур, ҳатто уни ўша мўминларнинг меҳр-муҳаббатлари билан ризқлантирур”.
Албатта, ушбу Илоҳий мужданинг энг олий намунаси Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам мисолларида кўринади: Ҳақ таоло то Қиёматгача ҳаёти дунёда келадиган барча мўминлар қалбига у зоти бобаракотга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатни жо қилиб қўйди, ҳатто қачон ва қаерда зикр қилинсалар, албатта салом ва салавотлар билан эсланадиган бўлдилар. Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бундай шарафга у зотнинг улуғ саҳобалари - Оллоҳ ҳаммаларидан рози бўлгай - сазовор бўлдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анхумо айтади: “Ушбу оят Абдур-Раҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлди: Оллоҳ таоло унга бўлган муҳаббатини бандалари қалбига жо қилиб қўйган эдики, кўрган мўмин албатта уни улуғлар, ҳатто унга рўбарў бўлган мушрик ва мунофиқ ҳам таъзим қилиб турар эди”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Албатта, ҳаёти дунёда маҳбуб бўлган киши Охиратда ҳам маҳбуб бўлади. Чунки Оллоҳ таоло фақат тақволи мўминни севади ва фақат холис - покиза амални қабул қилади. Ҳақ таоло Ўз Фазлу Раҳмати билан бизларни ҳам ана шундай маҳбуб бандаларидан қилгай.

97. Бас, албатта Биз, (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз (ушбу Қуръон) билан тақво эгаларига хушхабар беришингиз ва (Ҳақ Сўзни қабул қилмайдиган) саркаш қавмни огоҳлантиришингиз учун уни Сизнинг тилингизда осон-енгил қилиб қўйдик.
Ушбу сурайи каримада келган тавҳид - Оллоҳ таолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлиги ҳақидаги Илоҳий ҳужжатлар, пайғамбарлик, қайта тирилиш, барча халойиқнинг ҳисоб-китоб қилиниши учун маҳшаргоҳда тўпланиши хусусида келган далиллар ва адашган фирқаларга раддия бўлиб келган оятлардан кейин Ҳақ таоло сура хотимасида гўё бир хулосани баён қилиб, Ўз Элчисига ушбу Қуръонни очиқ-равшан арабий тилда, яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг она тилларида, ўқилиши ҳам, англаниши ҳам жуда осон қилиб туширганининг сабабини айтади, яъни, у зот ушбу Китоб билан тақволи, Каломуллоҳни жон қулоғи билан тинглаб, Унинг кўрсатмаларига оғишмай амал қиладиган мўминларга жаннат хушхабарини етказишлари ва қайсар, тил уқмайдиган, Ҳақ Сўзни қабул қилмасдан ўзлари тўқиб олган афсона ва хурофотлар ботқоғига ботиб юраверадиган кимсаларни эса, дўзах азобидан огоҳлантиришлари лозим эканлигини яна бир бор эслатади ҳамда ўта балоғатли ва ибратли бир панд-насиҳат билан сура якунланади -

98. Биз улардан (яъни, Макка мушрикларидан) илгари ҳам қанча (ўз пайғамбарларига итоат этмаган) аср-авлодларни ҳалок қилгандирмиз. Сиз улардан биронтасини кўрурмисиз ёки овозларини эшитурмисиз?! (Бас, Сизга иймон келтирмайдиган бу қайсар қавм ҳам ҳалок бўлиб битар, аммо Биз Сизга нозил қилган Дин эса Қиёматгача қолур).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло яна Макка аҳли ҳақида сўзлайди ва энди уларни аввал ўтган қавмларнинг куфр сабабли топган оқибатлари-дан ибрат олишга, ўшаларнинг кунлари бошларига тушиб қолмасидан кўзлари очилиб, иймон келтиришга чақиради. Маккаликлардан куч-қувват жиҳатидан ҳам, мол-давлат жиҳатидан ҳам устун бўлган, буларга нисбатан яхши, серунум, соя-салқин ва чиройли-обод жойларни маскан қилган, саноқлари ҳам неча баробар кўп бўлган Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми, Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлган Од қабиласи, Солиҳ алайҳис-саломнинг қавми бўлган Самуд қабиласи, Лут алайҳис-саломнинг қавми каби кўп асрлар давомида ўтган қавм-қабилалар қилган гуноҳлари сабабли, яъни, ўзларига келган пайғамбарларни ёлғончи қилганлари учун, улар даъват қилган иймон йўлига кирмаганлари, итоатсизлик қилганлари ва маишатга муккадан кетганлари учун, бир сўз билан айтганда, кофир бўлганлари учун Оллоҳ таоло юборган турли-туман азоб ва балолар остида қолиб ҳалок бўлишганини, кейин уларнинг ўрнига бошқа қавмларни яратганини эслатади.
Ояти каримадаги бу панд-насиҳат ва огоҳлантиришлар гарчи Макка мушрикларига қаратилган бўлса-да, ҳамма замон ва маконлардаги Ҳақ Йўлга юрмаган, Ҳақ таолога ибодат-итоат қилмаган динсиз кимсаларга ҳам баробар тегишлидир. Демак, динсиз яшаш, гуноҳлар гирдобида ҳаёт кечириш Оллоҳ таолонинг интиқомига ва неъматлардан, балки ҳаётдан ҳам маҳрум қилинишга - ҳалокатга сабаб бўлар экан, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам етказган оятларни эшитиб, ўқиб туриб иймон кел-тирмаслик, у зотга эргашмаслик бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам Яратганнинг азобига дучор қилар экан. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: «Биз қанча маишати ҳаддан ошган қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилдик. Мана, ўшаларнинг масканлари улардан кейин камдан-кам маскан қилинди. (Уларнинг барчалари ҳалок бўлдилар) ва (уларни мулку диёрларига) Биз Ўзимиз ворис бўлиб қолдик. Парвардигорингиз то барча қишлоқ-шаҳарларнинг онаси - маркази (Маккайи мукаррама)да Бизнинг оятларимизни уларга тиловат қиладиган бир Пайғамбарни юбормагунича у (қишлоқ-шаҳарларии) ҳалок қилгувчи бўлмади. Биз қишлоқ-шаҳарларни фақат уларнинг аҳолиси золим - кофир бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлдик». (Қасас сураси, 58-59-оятлар).
Ояти каримада кофирларнинг қайси замон ва маконда бўлсалар бўлсинлар, албатта ҳалокатга маҳкум бахтсиз қавм эканликлари ҳақида хабар берилиши зимнида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотни ҳақ Пайғамбар деб иймон келтирган барча мўминларга, улар қайси замон ва маконда бўлсалар бўлсинлар, албатта нажот топишлари ва ҳар икки дунёда бахтли бўлишлари ҳақида Илоҳий хушхабар бордир.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳтаолонинг иноят ва мадади билан Марям сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

Орқага Олдинга