Ушбу сура ҳам Макка сураларидан бўлиб, бир юз ўн оятдан иборатдир. Унда дастлаб Каломуллоҳ сифатлари баён қилингач, Ҳақ таолонинг буюк бандаси ва сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг зиммаларидаги вазифалари ҳақида айтилади, сўнгра Оллоҳ таолонинг тенгсиз Қудратига очиқ далолат қилиб турган Ер ва ундаги анвойи неъматлар зикр қилинганидан кейин энг гўзал, ибратли қиссалардан учтаси сўйлаб берилади.
Улардан биринчиси «асҳобул-каҳф» қиссаси бўлиб, унда золим ҳоким истибдодидан дину иймонларини сақлаб қолиш учун ўз жонларини фидо қилган йигитларнинг бир каҳфга - ғорга паноҳ тортиб киришиб, у жойда уч юз йил қолиб кетишгани ҳақида ҳикоя қилинади. Суранинг «Каҳф» -«Ғор» деб номланишига сабаб ҳам шудир.
Иккинчи қисса Мусо ва Хизр пайғамбарлар қиссаларидирки, унда Мусо алайҳис-саломнинг илм йўлидаги хокисорликлари, Хизр алайҳис-саломнинг бошқа пайғамбарларга берилмаган неъмат - ғойибдан огоҳлик неъматига муяссар бўлганлиги тўғрисидаги лавҳалар Илоҳий қалам билан баён этилади. Учинчи қиссада Оллоҳ таоло Марҳамати билан бутун дунёни ўз ҳукмида тутиш шарафига ноил бўлган адолат ва тақвода беназир буюк шоҳ Зулқарнайн, у кишининг фатҳ-юришлари хусусида сўз юритилади.
Яна бу сурадан молу давлат ғурурланишга арзимайдиган нарсалар экани, умуман бу ҳаёти дунё ўткинчи - бебақолиги ҳақида айтилган бир қанча ибратли мисоллар ҳам жой олгандир.
Ушбу суранинг фазилатлари ҳақида қатор муборак ҳадислар ривоят қилинганки, биз сўз бошида қандай улуғ сурани бошлаётганимизни яхшироқ англашимиз учун, уни қунт ва ихлос билан ўрганишимиз учун мазкур ҳадислардан айримларини келтириб ўтамиз.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Ким ушбу сурани ўқиса, унга осмон ва Ер ўртасидаги нур берилур ва у киши ушбу сура сабабли қабр фитнасидан сақланур”, дейилди. (“Тафсири Куртубийдан).
“Саҳиҳи Муслим”да Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Каҳф сурасининг аввалидан ўн оятни ёд олса, дажжолнинг фитнасидан омонда бўлур”.
Бошқа бир ривоятда Каҳфнинг охиридан ўн оят дейилган.
Яна “Саҳиҳи Муслим”да Нувос ибн Симъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимга дажжол етса, унга қарши Каҳф сурасининг аввалги оятларини ўқисин”, дедилар.
“Муснади Дорамий”да Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким жумъа оқшомида Каҳф сурасини ўқиса, у билан Эски Уй - Каъба ўртаси нурга тўлур”.
Тобеиинлардан Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Абу Фарвадан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга етмиш минг фаришта кузатиб олиб тушган, улуғлиги само ва Ерни тўлдириб юборган, ўқиган кишига ҳам ўша баробарида ажр бўладиган бир сурани кўрсатайми?” деган эдилар, саҳобайи киром: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дедилар. Айтдилар: “Бу Асҳоби Каҳф сурасидир. Ким жумъа кунида ушбу сурани ўқиса, унинг кейинги жумъагача ва яна зиёда уч кундаги гуноҳлари кечирилади, унга самога етгулик нур ато этилади ва у дажжолнинг фитнасидан омонда бўлади”.
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1-2. Ҳамду сано Оллоҳ учундир. У Зот Ўз бандаси (Ҳазрати Муҳаммад алайҳис-салом)га Китобни (Қуръонни) нозил қилди ва уни бирон эгриликсиз - расо (Китоб) қилди. Токи (кофирларни) Ўз ҳузуридан бўлган қаттиқ азобдан қўрқитиш ва солиҳ амаллар қиладиган мўминларга гўзал мукофот - жаннат хушхабарини бериш учун (У Зот Қуръонни нозил қилди).
“Ҳамду сано Оллоҳ учундир”.
Қуръони Каримдаги “Алҳамдулиллоҳ” лафзи билан бошланадиган беш сура (Фотиҳа, Анъом, Каҳф, Сабаъ ва Фотир суралари)нинг учинчиси бўлган ушбу сурайи карима аввалида Ҳақ таоло яна бир бор ҳамду санога лойиқ Зот Ёлғиз Ўзи эканлигини таъкидлайди.
“Алҳамдулиллоҳ”нинг энг бирламчи маъноси - Ҳамд Оллоҳнинг мулки, деганидир. Яъни, биринчидан, Ер-у осмонлардаги барча мавжудот, жумладан инсонлар Оллоҳ таолога - Унинг тенгсиз Қудрат ва Ҳикматини кўриб, берган саноқсиз неъматларига шукр қилиб ҳамду сано айтар эканлар, уларга мана шу ҳамд айтиш истеъдодини ато этган Зот Оллоҳнинг Ўзидир, бас, улар айтадиган ҳамду сано аслида Оллоҳ таолонинг Ўзи уларга ато этган неъматдир - Ҳамд Оллоҳникидир. Демак, ҳамд айтгув-чилар ҳамд айтишга қодир қилиб қўйгани учун Ҳақ таолога ҳамд айтишлари лозимдир. Иккинчидан, Танҳо Яратгувчи, барча неъматларнинг Эгаси, дунё ва Охиратнинг Эгаси бўлган Зот - одамлар Унга ҳамд айтадиларми, йўқми, - ҳамд ва санонинг ҳам Ёлғиз Эгасидир. Бас, У ҳеч кимнинг ҳамду саносига муҳтож эмас, аксинча, Ёлғиз Унга ҳамд айтишга - ибодат қилишга бандалар муҳтождирлар.
Ҳамду сано Эгаси Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи экани ҳақида Фотиҳа сурасининг илк ояти тафсирида батафсил айтилган эди.
“У Зот Ўз бандаси (ҳазрати Муҳаммад алайҳис-салом)га Китобни (Қуръонни) нозил қилди ва уни бирон эгриликсиз - расо (Китоб) қилди. Токи (кофирларни) Ўз ҳузуридан келадиган қаттиқ азобдан қўр-қитиш ва яхши амаллар қиладиган мўминларга гўзал мукофот -жаннат хушхабарини бериш учун (У Зот Қуръонни нозил қилди)”.
Сурайи карима Оллоҳтаолога ҳамд билан бошлангач, ушбу жумлаларда Ҳақ таоло бандаларига ато этган энг улуғ неъматини зикр қилади - Ўзининг бандаси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга (у зотни Жаноби Ҳақ яна бир марта Менинг бандам деб энг шарафли ном билан атайди) Китоб - Қуръон нозил қилгани, ўша Китоб башариятнинг мушкилот - муаммолари учун бирдан-бир даво экани, у Китобда бирон эгрилик - хато йўқлиги, у энг Тўғри, Адолатли, ягона Ҳақиқат экани ҳақида хабар беради.
Дарҳақиқат, Қуръон - Ҳақ таолонинг биз бандаларига ато этган энг буюк Неъматидир. Чунки бошқа барча неъматларнинг неъмат эканлигини биз Қуръондан ўрганамиз. У бизга ҳам дунё, ҳам Охиратда бахтли бўлиш сирларини ўргатади, нажот йўлини кўрсатади.
Дарҳақиқат, Қуръони Карим Оллоҳ таолонинг Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам орқали инсониятга юборган Сўзи - Мактубидир. Инсонлар ёзган китобларининг лафзида хатолар, мазмунида эса шубҳали маънолар бўлиши мумкин ва бу табиий бир ишдир. Аммо буюк Оллоҳнинг Китобида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Чунки Жаноби Ҳақ таолонинг Ўзи ҳам, айтган ҳар бир Сўзи ҳам Ҳақдир.
Қуръон мусулмоннинг ҳаёт-мамотини белгилаб беради, унинг кўрсат-маларига амал қилиш икки дунё саодатига сабаб бўлади. Бунинг учун эса, биринчи навбатда Қуръон мазмунини тўғри, аниқ ва чуқур тушуниш керак. Шундагина Қуръон кўрсатмаларига мувофиқ ҳаёт кечириш мумкин бўлади. Шундагина Қуръон Тенги йўқ, Танҳо Зотнинг Каломи экани очиқ кўринади, унинг барча оятлари бир-бирига боғлиқ ва мувофиқ экани маълум бўлади, Қуръоннинг ўтмиш, ҳозир ва келажак ҳақидаги хабарлари ўртасида ихтилофлар йўқлиги, ундаги инсон ҳақида ва ёки бошқа катта-кичик, жонли-жонсиз мавжудот ҳақида айтилган бирор сўз воқега зид эмаслиги, балки аксинча ҳар бир оят тенгсиз Илоҳий Кашфиёт экани равшан бўлади.
Ояти карима давомида Ҳақ таоло ушбу Китобни нозил қилишининг ҳикматларидан динсиз-иймонсиз кимсаларни Ўзининг азобидан огоҳлантириб қўйиш, яна бири, ҳаётларини тоат-ибодат ва яхши-савоб ишлар қилиш билан ўтказадиган мўминларга улар учун улуғ ажр-мукофот - жаннат борлиги ҳақида хушхабар бериш эканлигини айтади.
3. Улар (яъни, мўминлар) у жойда (ўзлари учун мукофот бўлмиш жаннатда) мангу қолгувчидирлар.
Яъни, худди кофирлар - ўзларига Ҳақ таоло томонидан берилган ҳаётни куфр ва исён билан совуриб юборган, Илоҳий огоҳлантиришлардан кўзлари очилмаган кимсалар Оллоҳнинг азобида - дўзахда мангу ёнганларидек, Оллоҳ таолонинг Борлигига ва Танҳо Маъбуди Барҳақ эканига иймон келтирган ва У Зот нозил қилган Китоб кўрсатмаларига амал қилиб яшаб ўтган мўминлар улар учун мукофот қилиб берилган жаннатларда мангу роҳат-фароғатда яшайдилар.
4-5. (Шунингдек), У Зот, ўзларининг ҳам, ота-боболарининг ҳам бирон билим-маърифати бўлмагани ҳолда, «Оллоҳнинг боласи бор», деган кимсаларни (қаттиқ азобдан) огоҳлантириш учун (ушбу Китобни нозил қилгандир). Уларнинг оғизларидан чиқаётган сўз оғир сўздир. Улар фақат ёлғон сўзлайдилар.
Яъни, Оллоҳ таоло ушбу Китобини яна шундай мушрик кимсаларни ҳам қаттиқ огоҳлантириш учун нозил қилдики, улар: “Оллоҳнинг боласи бор”, дейишиб, ҳеч бир соғлом ақл қабул қилмайдиган сўзни айтар эдилар. Булар “Фаришталар Оллоҳнинг қизлари”, дейдиган мушрик араблар, “Узайр Оллоҳнинг ўғли”, дейдиган яҳудлар ва “Ийсо Оллоҳнинг ўғли”, дейдиган насронийлардир. Ҳолбуки, Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ таолога ширк келтираётган бу уч тоифа мушрикларнинг на ўзларида ва на уларга мана шу ботил даъвони ўргатиб кетган ота-боболарида айтаётган сўзларига асос бўладиган бирон-бир далил-ҳужжат йўқдир. Аксинча уларнинг оғзидан чиқаётган бу мудҳиш сўз ғирт ёлғондан ўзга нарса эмасдир. Улар кўрлик ва жаҳолат билан ҳеч ўйламасдан ҳеч бир банда Яратган Парвардигори ҳақида айтиши мумкин бўлмаган мана шундай оғир сўзни айтмоқдалар.
“Яна Унинг учун билмаган ҳолларида ўғил-қизлар “ясаб” олдилар. У Зот булар сифатлаётган нарсалардан (яъни, шерик ва болалардан) Пок ва Юксакдир”. (Анъом сураси, 100-оят).
Юқоридаги оятда Қуръон барча кофирларга Оллоҳ таолонинг азоби борлиги ҳақида огоҳлантириш учун нозил қилингани айтилганидан кейин ушбу оятда ана ўша кофирлардан бир қисми бўлган мазкур мушрик-лар алоҳида зикр қилинишига сабаб, уламоларнинг айтишларича, Оллоҳ таолонинг боласи бор дейишлик энг қабиҳ куфр эканлигини эслатиб қўйишдир. (“Тафсири Мунийр”дан).
6. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эҳгимол, Сиз агар улар ушбу Сўзга - Куръонга иймон келтирмасалар, хафа бўлганингиз учун уларнинг ортидан, ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз?! (Асло бундай қила кўрманг)!
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилиб, қавмлари Қуръони Каримни Ҳақ Каломуллоҳ деб иймон келтирмасалар сабр қилиш лозимлигини, уларнинг иймонсизликларидан ранжиб, сиқилиб ўзларини ўтдан-чўққа урмасликлари кераклигини таълим беради ва бу билан у зотнинг зиммаларига юкланган вазифа албатта ҳар бир одамни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш эмас, балки барчага Ҳидоят Йўлини кўрсатиш эканлигини, уларни ҳидоят қилиш ёки залолатга кетказиш эса, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлидаги иш эканини уқтиради. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз у (мушрик)ларнинг ҳидоят топишларига ташна бўлсангиз, бас, (билингки), Оллоҳ Ўзи йўлдан оздирадиган кимсаларни ҳаргиз ҳидоят қилмас ва улар учун бирон ёрдамчи ҳам бўлмас”. (Наҳл сураси, 37-оят).
Дарҳақиҳат, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Макка аҳлини Ҳақ Йўлга даъват қилиб Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан нозил бўлган Қуръон оятларини ўқиб берар эканлар, уларнинг ҳар бири Дини Исломни қабул қилиб Ҳидоят Йўлига киришини жуда-жуда хоҳлар, аммо ҳаётда бунинг аксини кўриб, уларнинг ўз ширкларида оёқ тираб турганларидан, Тўғри Йўлга юришни ҳеч хоҳламаётганларидан беҳад ғам-ғуссага ботар эдилар. Шунда Ҳақ таоло Ўз Элчисига таскин-тасаллий бериб ушбу оятни нозил қилди ва Оллоҳ адаштириб қўйган кимсалар ҳеч қачон Тўғри Йўлга юрмасликлари, уларга ҳеч ким ёрдам ҳам бера олмаслиги ҳақида хабар берди. Бу ҳақда мана бу оятда ҳам айтилган:
“Кимни Оллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас. (Оллоҳ) ундайларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилур”. (Аъроф сураси, 186-оят).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқ-ки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир”. (Қасас сураси 56-оят).
Шунингучун ОллоҳтаолоЎз Элчисига буюради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Эй инсонлар, аниқки, сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ - Куръон келди. Бас, ким Тўғри Йўлга юрса, фақат ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (у Тўғри Йўлдан) адашса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Мен сизларнинг устингизда вакил - қўриқчи эмасман». (Юнус сураси, 108-оят).
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз барча инсонларга - Сизни кўриб, сўзларингизни эшитиб турган замондошларингизга ҳам, шунингдек, Сизнинг даъватингиз етиб борадиган, кейинги асрларда дунёга келадиган инсонларга ҳам мана шу Сўзни етказиб кўйинг: “Эй инсонлар, сизларга барча оламларнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳтаоло томонидан нозил қилинган, ҳар бир калимаси Ҳақ бўлган, сизларга Ҳақ Йўлни кўрсатадиган Ҳақ - Қуръон келди. Бас, ким ушбу Китоб Каломуллоҳ эканига иймон келтириб, У кўрсатиб берган Тўғри Йўлга юрса, ўзи учун манфаатли йўлга юрган бўлур. Чунки ушбу Китоб кўрсатган соф Исломий ақийдага эга бўлган, У буюрган амалларни қилган, У қайтарган ишлардан ўзини тийган инсон ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам шак-шубҳасиз бахт-саодатга эришади.
Аммо ким ушбу Китоб кўрсатган Ҳидоят Йўлини тарк қилиб залолат йўлини танласа, яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмай, турли-туман бут-санамларга сиғинса, қаттиқ адашган бўлади ва бу адашиши сабабли фақат унингўзи зиён тортади. Мен сизларнингустингизда вакил эмасман, яъни, менинг зиммамдаги вазифа сизларнинг устингизда кўриқчилик қилиш, сизларни зўрлаб иймон йўлига киритиш эмас, балки мен фақат сизларнинг орангиздаги Ҳақ Йўлдан юз ўгирган ва мени ёлғончи қилган кимсалар учун Оллоҳнинг азоби борлиги ҳақида огоҳлантиргувчи, Ҳақ Йўлга юрган инсонларга жаннат хушхабарини бергувчи бир элчидирман холос”.
7-8. Албатта, Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амал қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат - безак қилиб қўйдик (яъни, ўша безакларга алданиб, мағрурланиб қолмаган кишиларгина Бизнинг синовимиздан ўтурлар). Ҳеч шак-шубҳасиз, Биз Ўзимиз унинг (Ернинг) устидаги (безаклар)ни сип-силлиқ, қуп-қуруқ қилиб (йўқ қилиб) қўйгувчидирмиз.
Ушбу улуғ оятларда Ҳақ таоло биз бандаларига Ер ҳақида, дунёдаги ҳаётимизни устида ўтказадиганимиз мана шу Замин ҳақида сўзлаб, нима сабабдан уни бунчалар музайян қилиб яратганини айтади ва Ўзи хоҳлаган соатда уни яна бирон ўт-ўлан ўсмайдиган силлиқ ва қуп-қуруқ кесакка айлантириб қўйиши ҳақида хабар беради. Жаноби Ҳақ гўё шундай дейди: “Ҳақиқат шуки, Биз худди осмонни юлдузлар билан зийнатлаб қўйганимиздек, Ерда ҳаёт кечирадиган инсонларни имтиҳонимиздан ўтказиш учун Ерни ҳам бениҳоя чиройли қилиб зийнатладик. Унинг устидаги инсонлардан тортиб ҳайвонот оламидан парранда-ю даррандаларгача, наботот оламидан боғ-у бўстонлардан чўл ва чечакларгача, жамодот дунёсидан Ер ва сув остига яшириб қўйилган олтин-кумуш каби хазина-дафиналардан тортиб дурру гавҳарларгача барча-барчаси Ернинг зийнати қилиб кўйилдики, бунинг боиси, инсонларни имтиҳон қилиш, кимлар мана шу зеб-зийнатларга маҳлиё бўлиб дунёнинг кулига айланишларини, кимлар эса, бу нарсаларни яратган Эгасига қуллик қилиб, ато этган бундай буюк неъматлари учун Унга ҳамду санолар айтишларини имтиҳон қилишдир. Албатта, Ернинг зийнати бўлган бу нарсаларнинг барчаси ўт-кинчи, бебақодир. Биз ҳаёти дунё учун белгилаб қўйган вақт битиши билан албатта Ерни яна аввалги ҳолига қайтариб, устидаги бор нарсани кетказиб қақраган чўлга айлантириб қўйишимиз аниқдир”.
Муслим Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу ҳадиси шариф ояти кариманинг тафсиридир: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, дунё тотли, ям-яшилдир ва албатта Оллоҳ таоло сизларни унда халифа қилиб қўйиб, қандай амал қилишларингизга боқиб турар”.
9. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), балки Сиз асҳобул-каҳф ва Битик (уларнинг қиссалари битилган тош) Бизнинг (Охират, Қиёмат ҳаққи-рост эканлиги тўғрисидаги) оятларимиздан энг ажойиби, деб ўйлагандирсиз?
Ушбу оятдан бошлаб асҳобул-каҳф қиссаси баён қилинади. Мазкур қисса зикр қилинган оятлар ва яна сура давомида келадиган Зул-қарнайн ҳақидаги оятлар нозил қилинишига сабаб бўлган воқеалар ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда шундай дейилади: “Қурайш қабиласи тўпланиб: “Муҳаммад ўзимизнинг орамизда ишончли, ростгўй ҳолда ўсиб-улғайди. Биз унинг бирон марта ёлғон сўзлаганини билмаймиз. Энди бўлса у даъво қилган нарсасини (яъни, пайғамбарликни) даъво қилмоқда. Келинглар, бир неча кишини Мадинадаги яҳудлар олдига юборайлик, улардан Муҳаммад ҳақида сўрайлик, ҳар ҳолда улар аҳли Китоб - Китобдан хабари бор кишиларку”, дейишиб, уларга бир жамоатни жўнатдилар. Бас, яҳудлар айтдилар: “Ундан уч нарса ҳақида сўраб кўринглар. Агар у ҳар учала саволларингизга жавоб берса ёки уч саволдан биронтасига ҳам жавоб бера олмаса, демак, пайғамбар эмасдир. Агар икки саволга жавоб бериб, биттасига жавоб айтолмаса, у пайғамбардир. Ундан ўтган замонда йўқолиб қолган йигитлар ҳақида, уларнинг ишлари нима бўлгани тўғрисида сўранглар. Уларнинг қиссалари жуда ажойибдир. Яна ундан Ернинг шарқу ғарбига етиб борган киши ҳақида, унинг хабари нима бўлгани тўғрисида сўранглар. Яна ундан Руҳ ҳақида сўранглар”.
Бас, қурайшликлар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашган эди, у зот: “Сизлар сўраган барча нарсалар ҳақида эртага хабар бераман”, дедилар-у, аммо “Иншооллоҳ - Худо хоҳласа”, дейишни унутдилар. Бас, ваҳий тушиши Мужоҳиднинг айтишича, ўн икки кун, Икримадан ривоят қилинишича эса, қирқ кун тўхтаб қолди. Макка аҳли: “Муҳаммад бизга эртага, деб ваъда берган эдику, неча кун бўлди, бирон хабар бермайди”, дея бошладилар. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир томондан ваҳий тўхтаб қолгани сабабли ғамга ботиб, бошқа томондан Маккаликлар айтаётган сўзлардан қийналиб юрган вақтларида баногоҳ Жаброил алайҳис-саом “Ва бирон нарса ҳақида: «Мен албатта бу ишни эртага қилгувчиман», дея кўрманг, магар «Иншооллоҳ - Оллоҳ хоҳласа», (денг! Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг (яъни, «иншооллоҳ», денг) ва: «Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам (яъни, асҳобул-каҳф воқеаси ҳақида хабар беришдан ҳам) яқинроқ (менинг ҳақ Пайғамбар эканлигимга яхшироқ далолат қиладиган) Тўғри Йўлга ҳидоят қилса», денг!” (Каҳф сураси, 23-24-оятлар) оятларини келтирди ва ўтган замонда йўқолиб қолган йигитлар қиссаси баён қилинган: “Балки Сиз Каҳф (ғор) ва Битик (уларнинг қиссалари битилган тош) эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг (Охират, Қиёмат ҳаққи-рост эканлиги тўғрисидаги) оятларимизнинг энг ажойиби, деб ўйлагандирсиз?” (Каҳф сураси, 9-оят) оятини ҳамда шарқ-у ғарбни эгаллаган киши ҳақида хабар берган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), яна Сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилурман”. (Каҳф сураси, 83-оят) оятини, сўнгра Руҳ ҳақида: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ Парвардигоримнинг ишидандир». Сизларга илмдан ўта оз нарса берилди”, (Ал-Исро сураси, 85-оят) оятини келтирди”. (“Маолимут-танзил” тафсири).
Муфассирлар ёзишларича, «Асҳобул-каҳф - Ғор эгалари» қиссасининг қисқача баёни бундайдир: Ийсо алайҳис-салом замонларидан кейин Рум давлатларидан бирида Дақёнус номли золим подшоҳ бўлиб, одамларни бутларга ибодат қилишга мажбур қилар, амрига бўйинсунмаган кишиларни эса ўлдирар эди. Кунлардан бирида, унга фуқароларидан бир неча йигитунинг фармонидан бош тортишиб, бутларга сиғинишмаётганини етказибдилар. Подшоҳ уларни ўз саройига чақириб, бу хабарнинг рост-ёлғонлигини сўраганида, улар: «Бизлар Ёлғиз Оллоҳдан ўзга бирон кимса ёки нарсага сиғинмаймиз», деб жавоб қиладилар. Шунда шоҳ уларга: «Сенлар ёш, чиройли, бақувват йигитлар экансанлар, ўз жонларингга жабр қилманглар. Мен сенларни ўлдириб юборишга кўзим қиймаяпти. Яхшиси, эрталабгача ўйлаб кўриб, эртага менга жавобини айтинглар», деб уларга рухсат беради. Йигитлар ўзаро маслаҳатлашиб, «Оллоҳдан ўзгага бўйин-сунгандан кўра шу бадбахт диёрни тарк қилганимиз афзал», дейишиб, тун қоронғусида шаҳарни тарк қилишади. Йўлда яйловдан ўтиб бораётганларида уларга ўша ерлик бир чўпоннинг ити ҳам эргашади. Тонгга яқин бир тоққа етиб боришиб катта ғорга кириб яширинадилар. Эрталаб бу воқеадан хабардор бўлган шоҳ ўз аскарлари билан уларнинг ортидан тушиб, ўша ғор оғзига яқинлашгач, аскарлар унга киргани қўрқадилар. Шунда Дақёнус уларга ғордаги йигитлар очлик ва ташналикдан қирилиб кетиш-лари учун ғор оғзини беркитиб ташлашни буюради. Лекин Оллоҳ таоло Ўзининг садоқатли бандаларини ҳалок бўлишдан сақлайди - уларни узоқ уйқуга чўмдиради. Уйғонганларида эса, орадан... уч юз йил ўтган эди. Бундан бехабар йигитлар бир ё ярим кун ухладик, деб ўйлайдилар ва ораларидан битталарини яширинча шаҳарга егулик харид қилиб келиш учун жў-натадилар. У йигит бозорга келиб таом сотиб олиб, ёнидаги тангани узатганида, сотувчи ҳайрон бўлиб: «Бу Дақёнусдан қолган танга-ку, бирон ердан хазина топиб олдингми?», деб сўрайди. Йигит ҳам ҳайрон бўлиб: «Ҳеч қандай хазина топиб олганим йўқ, бу менинг қавмим ишлатадиган оддий танга», деб жавоб қилиб, Дақёнусга нима бўлганини сўрайди. Бу орада тўп-ланиб кетган одамлар унинг аллақачон ўлиб кетганини айтишиб, йигитни подшоҳ олдига олиб борадилар. Бу шоҳ мўмин, солиҳ киши эди. Йигитдан ўзи ва ўртоқларининг бошидан кечган воқеаларни эшитгач, аскарлари ва шаҳар аҳли билан ўша ғор оғзига борадилар. Мазкур ояти карима ва қуйида келадиган оятларда ана ўша «Асҳобул-каҳф» хусусида сўз кетади.
Ояти каримада гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, сўз у зотнинг умматларига ва “Асҳоби каҳф қиссаси роса ажойиб қисса эканми?”, деб сўраган қурайшликларга қаратилгандир.
Ҳақ таоло гўё шундай дейди: ‘Тарчи Асҳобул-каҳф қиссаси ўз ҳолича фавқул-одат ва ажойиб оят-аломат бўлса-да, Бизнинг бошқа оятларимиз олдида ҳеч ажабланарли эмасдир. Чунки Бизнинг барча оятларимиз ажойибдир. Юқорида мазкур бўлган оятларимизга боқинг - ахир осмонлар ва Ерни йўқдан бор қилиб яратишга Қодир бўлган, сўнгра Ернинг усти-ю остини турли маъдан-хазиналар билан, анвойи ҳайвонот ва наботот билан зийнатлаган, сўнгра Ўзи хоҳлаган кунда уни барча зийнатларини кетказиб, куруқ кесакка айлантириб кўядиган Оллоҳ таоло бир неча йигитни маълум бир муддат уйқуларидан уйғотмасдан туриши наҳотки ажабланадиган иш бўлса!”.
Албатта, иймон келтирамиз ва аниқ ишонамизки, Ер юзидаги жамийки халойиқни Ўзи белгилаб қўйган ажаллари етиши билан “ухлатиб”, яна Ўзи хоҳлаган Кунда, бир лаҳзада, биронталарини қолдирмасдан “уйғотиб” ҳисоб-китоб қилишга Қодир бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг тенгсиз Қудрати олдида асҳоби каҳф қиссаси ҳеч ажабланарли эмасдир.
10. Эсланг, ўшанда у (мўмин) йигитлар ғорга паноҳ истаб боришиб: «Парвардигоро, бизларга Ўз ҳузурингдан Раҳмат - Марҳамат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг ўнглагин», дедилар.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, эсланг ва одамларга сўзлаб беринг: Рум диёрининг улуғларидан бўлган ўша иймонли йигитлар золим подшоҳ Дакёнус уларни ширк келтиришга мажбурлаганида бош тортишиб, динларини бутпараст қавмларидан олиб қочиш учун пана жой излашиб тоғдаги бир кенг ғорга кириб яшириниб олдилар - ёруғ оламда Ҳақ Динсиз яшагандан кўра қоронғу зиндонда маҳбус бўлишни афзал билдилар ва ғорга киришлари билан оғизларидан чиққан сўз ушбу дуо бўлди: “Парвардигоро, Ўзинг бизга Раҳмат хазиналарингдан раҳм-шафқат ато этгин - гуноҳларимизни кечиргин, бизга Ўзинг ризқ-насиба бергин, душманларимиздан омонда асрагин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг ўнглаб, биз учун бу ишдан бир тўғри-хайрли оқибатни ҳозир қилгин”.
11. Бас, Биз (ўша онда) уларнинг қулоқларига уриб, бир неча йил ғор ичида (ухлатиб) қўйдик.
Яъни, Биз ғор ичида уларга шундай қаттиқ уйқуни ташладикки, улар ҳеч нарсани эшитмайдиган бўлиб неча юз йил ухладилар. Ё Оллоҳ! Мўмин бандалари қоп-қоронғу ғор ичида туриб Унга раҳм-шафқат ва хайрли оқибат сўраб илтижо қилишлари билан Раҳмони Раҳийм бўлган Зот уларнинг дуоларини ижобат қилди - орзу қилган хайрли кунлари келгунича қаттиқ уйқуга чўмдириб, улар учун замонни тўхтатиб қўйдида, орадан юзлаб йиллар ўтиб кетганини у мўмин бандалар мутлақо сезмадилар! Бутун борлиқ, жумладан макон ҳам, замон ҳам Қўлида бўлган Зот учун бу иш шундоқ осон экан!
12. Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири (уйқуда) турган муддатлари қанча давом этганини тўғрироқ ҳисоб қилганини билиш (яъни, имтиҳон қилиш) учун уларни “тирилтирдик”.
Яъни, йигитлар қанча замон тошдек қотиб ухлаганларидан кейин токи улардан қанча муддат ухлаганлари ҳақида талашиб-тортишадиган тоифалардан қай бирининг ҳисоби тўғрироқ эканини билиш, яъни нафсул-амрда тўғри бўлган муддатни уларга билдириш учун худди ўликларни қайта тирилтирган янглиғ уларни уйқуларидан уйғотдик. Токи улар қанча муддат ухлаб ётганлари ҳақида аниқ билимга эга бўлишгач, ўзларининг нақадар ожиз эканликларини ва Яратганнинг Қудрати нақадар улуғлигини англаб, орадан шунча узоқ вақт ўтсада, уларнинг баданлари-ни саломат сақлаган Оллоҳ таолога бўлган иймонлари янада бақувват бўлиши учун улар қайтадан “тирилдилар”. Ояти каримада уйғотиш сўзи ўрнида тирилтириш калимаси қўлланганини уламолар уйқу аслида қисқа ўлим эканлигига далил дейдилар.
13. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга уларнинг ҳол-хабарларини рўй-рост сўйлаб берурмиз. Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига иймон келтирган йигитлардир. Биз уларга Ҳидоятни зиёда қилдик.
Ушбу оятда Ҳақ таоло Ўзининг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга кафолат бериб: эй Муҳаммад алайҳис-салом, Биз Сизга Асҳоби каҳф қиссасини рўй-рост, яъни тўғри ва тўла баён қилмоқда-миз, дейди. Бу жумлада барча мавзуларда ва ҳусусан тарих мавзуйида ҳам, мутлақ ҳақиқатни Ёлғиз Оллоҳ таоло сўзлашига, тарихчилар айтадиган сўзларда эса, ростга ёлғон кўшилиб қолишига, улар ўзларига ёқмаган воқеаларни қисқартириб ёки аксинча баъзи воқеа-ҳодисаларга ўз томон-ларидан қўшиб-чатиб юборишларига ишора бордир. Асҳоби каҳф ҳақида одамлар орасида айланиб юрадиган қиссаларда ҳам худди шундай нуқсонлар бўлиб, ростга ёлғон аралашиб кетган эди. Шунинг учун Ҳақ таоло у солиҳ бандалари ҳақида тўла-тўкис сўзлаб беришни ирода қилди: “Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига иймон келтирган ва Биз уларга Ҳидоят-ни зиёда қилган йигитлардир”.
Яъни, улар аввал-бошда ҳеч кимдан дин, иймон ҳақида таълим олмаган ҳолларида бир Илоҳий илҳом билан Танҳо Парвардигорлари борлигига иймон келтирган йигитлар эдилар, Оллоҳ таоло уларни мана шу Ҳақ Динда собит-барқарор қилиш билан Ҳидоятга муваффақ қилди.
14. Ва Биз уларнинг дилларини бириктириб - якдил қилиб қўйдик. Эсланг, улар (золим шоҳ қаршисида) туриб (шундай) дедидар:
«Бизнинг Парвардигоримиз - Эгамиз осмонлар ва Ернинг Парвардигоридир. Бизлар ҳаргиз Ундан ўзга «илоҳ»га дуо-илтижо қилмаймизки, у ҳолда, (яъни, агар Оллоҳдан ўзга бирон илоҳга дуо-илтижо қилсак), ҳақиқатга қарши сўзлаган бўлурмиз.
Яъни, Биз у йигитларни иймонда собит-барқарор қилиб, ҳаммаларини яқдил инсонларга айлантириб қўйдик. Шунинг учун улар дину иймонларини саломат сақлаш йўлида ватанларидан, қариндош-уруғ ва дўст-ёрлар бағридаги роҳат-фароғатдан ажралишга ўзларида куч топа олдилар ва уларни ширк келтиришга буюраётган, акс ҳолда қатл қилинишларини айтиб таҳдид қилаётган золим подшоҳ Дақёнусга қарши ҳеч тап тортмасдан ояти каримада зикр қилинган ҳақиқий йигитларга лойиқ бўлган сўзларини айтдилар: «Бизнинг Парвардигоримиз - Эгамиз осмонлар ва Ернинг Парвардигоридир. Бизлар ҳаргиз Ундан ўзга «илоҳ»га дуо-илтижо қилмаймизки, у ҳолда, (яъни, агар Оллоҳдан ўзга бирон илоҳга дуо-илтижо қилсак), ҳақиқатга қарши сўзлаган бўлурмиз”.
Уларнинг бу сўзлари зимнида нафақат мушрик Дақёнусни, балки барча мушрикларни мулзам қилиб қўядиган бир мазмун бор эди. Чунки у мушрикларнинг ўзлари ҳам Ер-у осмонларнинг Танҳо Эгаси Оллоҳ таоло эканлигини тан олар эдилар: “Қасамки, агар Сиз улардан (яъни, мушрик кимсалардан): “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” деб сўрасангиз, албатта: “Оллоҳ”, дерлар”. (Лукууюн сураси, 25-оят).
Бас, у йигитлар ўзларининг Осмонлар ва Ернинг Эгаси бўлмиш Ёлғиз Оллоҳгагина сиғинишларини айтиш билан гўё барча мушрик кимсаларга: “Нега сизлар ана ўша осмонлар ва Ерни яратган Оллоҳга ибодат қилмасдан, турли бут-санамларни - бошқаларга эмас, ҳатто ўзларига ҳам ҳеч қандай фойда ёки зиён етказа олмайдиган жонсиз бутларни “илоҳ” қилиб ушлаб олдингизлар?!” деб дашном берадилар. Қуйидаги оятда ҳам ўша мард йигитларнинг сўзлари зикр қилинади -
15. Ана у қавмимиз эса, Ундан ўзга «илоҳларни» ушлаб олдилар. Улар ўзлари учун (ўша бутларнинг илоҳ экани ҳақида) аниқ бир ҳужжат келтирмайдиларми?! (Ҳеч қачон келтира олмайдилар). Бас, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!
Яъни, асҳоби каҳф ўзларинингўша Дақёнус замонидаги турли бутларга сиғинадиган қавмлари ҳақида сўзлаб дедилар: “Ахир улар ўзлари сиғинаётган ўша ботил ва сохта “илоҳлари”га ибодат қилишлари дуруст эканлигига бирон-бир аниқ хужжат-далил келтирсалар бўлмайдими?! Агар бундай ҳужжат далиллари йўқ экан, у ҳолда Оллоҳ таоло Шаънига туҳмат қилиб: “Унинг шериклари бор”, деган кимсалардан ҳам золимроқ бирон кимса бўлиши мумкинми?! Албатта, йўқ! Демак, мушриклар энг золим кимсалардир, бас, оладиган жазолари ҳам энг оғир жазо бўлади”.
Шундай дейишиб у мард йигитлар подшоҳ уларга ўйлаб кўришлари учун берган фурсатни ғанимат билишиб, ўзларининг Ҳақ Динларини фитнадан олиб қочиш учун қавмларидан четланишиб бир ғорга яшириниб олдилар.
Аллома ибн Касир ўз тафсирида айтади: “Асҳоби каҳф қиссаси мўмин учун динидан ажраб қолиш хавфи туғилганида жамият ҳаётидан узлатга чекиниш дуруст эканлигига бир Илоҳий далилдир. Бу ҳақда Имом Бухорий ва Абу Довуд Абу Саид Худрий розияллоҳу анхудан ривоят қилган мана бу ҳадиси шарифда ҳам айтилган: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматим бошига ҳали шундай кунлар ҳам келадики, бировингиз динини фитналардан олиб қочиши учун топган энг яхши моли қўйлар бўлиб қолади ва уларни ҳайдаб кимсасиз тоғларнинг чўққи-ларига ва ёмғир сувлари тўпланиб қоладиган жойларга чиқиб кетади”. Асҳоби каҳф ҳам худди шу йўлни тутишиб, бир-бирларига дедилар -
16. (Йигитлар!) Модомики, сизлар улардан (мушриклардан) ва Оллоҳдан ўзга - улар сиғинаётган нарсалардан четланган - юз ўгирган экансизлар, энди (Ёлғиз Парвардигорингиз - Оллоҳнинг Ўзига ибодат қилиш учун) ғорга паноҳ тортиб борингиз. Парвардигорингиз сизларга Ўз Раҳмат-Марҳаматини кенг қилиб ёзиб қўюр ва сизлар учун барча ишларингизда қулайлик - осонлик ато этур».
Яъни, модомики сизлар у мушрик қавмнинг ботил эътиқодларидан
маънан четланган экансизлар, энди уларнинг ўзларидан ҳам жисмонан узоқ бўлиб, кенг ва ёруғ дунёни уларга қолдириб тор ва қоронғу ғорга кириб кетинглар, шунда Парвардигорингиз сизларга Ўз Марҳаматини ёзиб қўяди ва сизлар учун барча ишларингизда кулайлик ва осонликни ато этади. Улар бу сўзларни Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳаматли Зот эканлигига иймон келтирганлари учун, катта ишонч, умид ва камоли таваккул билан айтдилар. Худди ҳадиси шарифда: “Оллоҳ таолога дуо қилганингизда Унинг ижо-бат қилишига тўла ишонган ҳолингизда дуо қилинглар”, дейилганидек.
Дарҳақиқат, Ҳақ таоло у мўмин бандаларига - Оллоҳ учун, Дин учун дунё ва унинг манфаатларидан кеча олган у мард йигитларга Ўзининг қандай Марҳаматли Зот эканини кўрсатди -
17. Куёш - чиқаётган вақтида уларнинг горларидан ўнг тарафдан ўтиб кетганини, ботаётган вақтида эса, улардан сўл томонга қиялаб кетганини (яъни, чиқишида ҳам, ботишида ҳам уларнинг устига тик тушиб, қиздириб, уйқу-оромларини бузмаганини), улар эса (ғор)нинг тўрида эканликларини кўрурсиз. Бу ҳам Оллоҳнинг оят-мўьжизаларидандир. Кимни Оллоҳ ҳидоят қилса, ана ўша ҳидоят топгувчидир. Кимни У йўлдан оздирса, бас, Сиз унинг учун бирон Тўгри Йўлга йўллагувчи дўст топа олмассиз.
Ушбу ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ёки хитоб қилинишга лойиқ бўлган ҳар бир инсонга асҳоби каҳфнинг у жойдаги аҳволи, улар учун Оллоҳ таоло томонидан ғор ичида яратиб берилган ҳеч ақл бовар қилмайдиган шарт-шароитлар баён қилинади. Дарҳақиқат, Жаноби Ҳақ у мўмин бандалари учун - таъбир жоиз бўлса, тирик ҳолларида қабрларига кириб кетган у мард йигитлар учун ғор ичида агар улар юзлаб йил жонсиз жасад янглиғ қимирламасдан ётсалар ҳам баданлари бузилмасдан сақланадиган бир иқлим яратиб берди. Чунки такдири азалда у йигитларнинг асрлар давомида ўша ғорга теран уйқуда ётишлари ва худди бир соат ётиб тургандек соппа-соғ ҳолда Ер юзига қайтиб чиқишлари ёзиб қўйилган эди. Шу боисдан гарчи улар ғорнинг ўртасидаги кенг саҳнда, куёшнинг куйдиргувчи нури, агар у ўз одатича юрадиган бўлса тўппа-тўғри тушадиган жойда ётган бўлсалар-да, ажабки, Яратганнинг Амри билан у буюк сайёра Яратганнинг азиз бандалари устидан ўтишда асрлар давомида ўз йўлини бироз ўзгартиришга - чиқаётганида улар ётган ғорнинг ўнг тарафидан ўтишга, ботаётганида эса, уларнинг сўл томонларидан қиялаб ўтишга буюрилдики, бу мўъжизага, бу Илоҳий оятга орадан уч юз йил ўтганидан кейин у ғорга кирган подшоҳ ва унинг аъёнлари тирик гувоҳ бўлдилар ва Оллоҳтаолонинг Қудратига тасаннолар айтдилар. Шунингдек, ушбу тарихий ҳодиса то Қиёматга қадар дунёга келадиган барча инсонлар учун Оллоҳ таолонинг тенгсиз Қудрати ва Илмига далолат қилгувчи оят-аломатлардан бўлиб қолди. Албатта, бу каби оят-мўъжизалар, инсонларга Оллоҳтаолонинг Ҳақ Йўлини кўрсатувчи, Ҳақ Динини ўргатувчи, Ҳақ Йўлда устувор бўлган кишилар албатта нажот топишларига, залолат йўллари-ни танлаган кимсалар эса, албатта ҳалокатга гирифтор бўлишларига далолат қилувчи бу каби ибратли воқеа-ҳодисалар жуда кўпдир. Аммо кимни Оллоҳ таоло мана бу асҳоби каҳф каби Ҳақ йўлга ҳидоят қилса, фақат ана ўшалар мазкур оятлардан таъсирланиб, Тўғри Йўлда барқарор бўлиш бахтига муваффақ қилинадилар, Оллоҳ таоло адаштириб қўйган кимсаларга эса, ҳеч қандай оят-мўъжиза кор қилмайди. “Кимни Оллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топгувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон Тўғри Йўлга йўллагувчи дўст топа олмассиз”.
18. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз уларни кўрсангиз, уйқуда ҳолларида, (кўзлари очиқ бўлгани учун) уларни уйғоқ, деб ўйларсиз. Биз уларни (баданларидан Ерга тегиб турган томони чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турурмиз. Уларнинг итлари эса олди оёқларини (ғор) остонасига узатганича ётур. Агар уларнинг устидан чиқиб қолсангиз (ва кўзлари очиқ ҳолда у ёндан-бу ёнга ағдарилиб ётганларини кўрсангиз), албатта даҳшатга тушиб улардан юз ўгириб кетган бўлур эдингиз.
Ояти каримада гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, унда тасвирланган, ҳар бир одамни ҳайрат ва даҳшатга соладиган манзара барча мўминлар учун ибрат дарсидир. Ҳақ таоло Ўзининг азалий режасида у солиҳ бандаларини бир неча аср давом этадиган чуқур уйқуга чўмдиришни, сўнгра уйғотиб, яна қайта ёруғ дунёга чиқаришни белгилаб - тақдир қилиб қўйгани боисидан уларни ташқаридан бўладиган ҳар қандай хуруждан бағоят антиқа йўл билан қўриди: аввало уларга кўрган одам даҳшатга тушадиган бир ҳайбат ва виқор ато этди - улар ўзлари гарчи теран уйқуда бўлсалар-да, кўзлари у ғорга кирмоқчи бўлган ҳар қандай жонзотга тик боқиб турар эди, жонсиз жасадлари бўлса, Оллоҳ таолонинг Амри билан ҳар замон ўнгдан чапга, чапдан ўнгга ағдарилиб, баданларининг босиб ётган томонини ер еб қўйишидан сақланар эдилар. Бу ҳолат шу қадар ҳайбатли ва даҳшатли эдики, агар бирон кимса у ғорга кириб қоладиган бўлса ҳам, жонсиз жасадларнинг тик боқиб туришини, ҳар замон у ёндан бу ёнга ёнбошлаб олишини кўриб қўрққанидан ўша заҳоти орқасига қараб қочиб чиқиб кетиши ва қайта бу ғорга қадам босмаслиги аниқ эди. Қолаверса, ғор оғзида уларни бир вафодор ит садоқат билан қўриқлаб ётар эди. У аслида бир чўпоннинг қўйларини қўриқлайдиган ит бўлиб, тоққа қараб кетаётган йигитларни кўриб, Оллоҳ таолонинг Қудрати билан бошқа одамлар ғафлатда бўлган бир ҳақиқатни англаган - у йигитлар иймонларини фитнадан омон сақлаш учун қочиб кетаётганларини тушунган ва уларга, демакки, уларнинг иймонларига эргашиб изларидан ғорга кирган, хабарларда айтилишича, саноқли жонзотлар қаторида мўмин инсонларнинг Охиратдаги манзили бўлмиш жаннатга кириш бахтига эришган ит эди. “Танвирул-азҳон” тафсирида Муқотил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, жаннатга мўминлар билан бирга ўн жонзот ҳам киради: Солиҳ алайҳис-салом мўъжи-за қабилида ҳарсанг тошдан чиқарган туя, Иброҳим алайҳис-салом фаришталар келганида сўйган бузоқ, Исмоил алайҳис-саломнинг қурбонли-ги бўлиб самодан туширилган қўчқор, Мусо алайҳис-салом қурбонлик учун сўйган сигир, Юнус алайҳис-саломни ютиб юбориб, сўнгра соҳилга чиқариб ташлаган балиқ, Узайр алайҳис-саломнинг ўлиб юз йилдан кейин қайта тирилган эшаги, Сулаймон алайҳис-салом билан сўзлашган чумоли, малика Билқийс ҳақида хабар келтирган қуш - ҳудҳуд, асҳоби каҳфнинг итлари ва Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари - мазкур жонзотларнинг барчаси жаннатга киради. Саид ибн Жубайр Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилди: у киши айтди: “Биз Муовия билан бирга Рум томонга ғазот қилиб борганимизда Асҳоби каҳф кирган ғор олдидан ўтиб қолдик. Шунда Муовия: “Бизга ўша асҳоби каҳф ҳақида кашф бўлиб, уларни бир кўрсак эди”, деган эди, мен: “Бу ишдан сиздан кўра яхшироқ инсон ҳам (яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам) қайтарилганлар”, дедим. Бас, Муовия айрим одамларга: “Сизлар бориб кўриб келинглар”, деб жўнатди.Ўша кишилар бориб ғорга кирганларида, Оллоҳ таоло шундай бўронни юбордики, уларни ташқарига чиқариб ташлади”. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).
19-20. Шундай қилиб, бир-бирлари билан савол-жавоб қилсинлар деб Биз уларни (қандай ухлатиб кўйган бўлсак ана шундай ҳолатларида) тирилтирдик. Улардан бир дегувчи деди: «Қанча (муддатухлаган ҳолда) турдинглар?» Улар(нинг айримлари): «Бир кун ё ярим кун турдик», дедилар. (Қолганлари эса): «Қанча (ухлаб) турганларингизни Ёлғиз Парвардигорингиз билур. Энди ораларингиздан бир кишини мана шу тангангиз билан шаҳарга жўнатинглар, у энг сара, покиза таомни танлаб, сизларга ундан ризқ - насиба олиб келсин. У ўта илтифотли бўлсин ва сизларни бирон кимсага сездириб қўймасин. Чунки агар улар (яъни, шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қилурлар ёки яна ўзларининг динларига қайтарурлар ва у ҳолда, ҳеч қачон қутула олмассизлар», дедилар.
Яъни, Биз у йигитларни ғор ичида қандай беозор ухлатиб кўйган бўлсак, жасадларини чириб кетишидан сақлаб, емак-ичмаксиз ҳам омон асраган бўлсак, токи улар бир-бирларидан сўраб-суриштириб ҳақиқатни билиб олишлари учун худди шундай ҳолларида ўша қаттиқ уйқуларидан уйғотдик ва улар бир-бирларидан сўрай бошладилар. Улардан бири ше-рикларига қараб: “Қанча (муддат ухлаган ҳолда) турдинглар?” деган эди, улар: “Бир кун ё ярим кун”, дедилар. Йигитларнинг бир кун ухлабмиз де-йишларига сабаб, улар ғорга эрта тонгда кирган эдилар, уйқуга кетиб қайта уйғонганларида эса, кечки пайт эди. Кейин қарасалар ҳали қуёш ботмаган экан, шунинг учун “ё ярим кун”, дедилар. Лекин соч-соқол ва тирноқлари бениҳоя ўсиб кетганини кўришиб анча узоқ муддат уйқуда бўлганларини англадилар ва ораларидаги тажрибалироқ йигитлар Оллоҳ таолодан илҳом бўлиб, бу сўзларни айтдилар: “Йўқ, қанча муддат уйқуда ётганларингизни сизлар била олмассизлар, чунки, бу вақт мобайнида қаттиқ уйқуда эдингиз, буни фақат доимо Огоҳ бўлган Парвардигорингизгина Билгувчидир”. Бас, бу савол-жавоблардан кейин у йигитлар Оллоҳ таоло уларга қандай Меҳр-Марҳамат кўрсатганини англаб етдилар ва Яратганнинг Қудрати нақадар улуғлигига яна бир бор комил ишонч ҳосил қилдилар ҳамда Оллоҳ таоло ўликларни ҳам худди мана шу тарзда қайта тирилтиришига кўзлари етиб, берган ҳаёт неъмати учун У Зотга шукроналар айтдилар. Сўнгра баҳс-мунозарани тўхтатиб, ўзлари учун ҳозир - қаттиқ очқаган ҳолларида муҳимроқ бўлган иш билан машғул бўлишга қарор қилдилар ва: “Энди ораларингиздан бир кишига мана бу тангаларингиз-ни бериб шаҳарга жўнатинглар, у бориб энг тоза покиза таомлардан танлаб сизлар учун бирон егулик олиб келсин. Аммо танилиб қолмаслик учун олди-сотдида шаҳарликлар билан жуда илтифотли бўлиб, ширинсуханлик билан муомала қилсин, яна улардан биронтасига сизларни ҳали ҳам бор эканлигингизни сездириб қўймасин. Чунки агар у эҳтиётсизликка йўл қўйиб шаҳардагилар сизларни топиб олгудек бўлсалар ва сизларнинг ҳали ҳам иймонларингизда собит - барқарор турганларингизни билсалар, ё сизларни тошбўрон қилиб ўлдириб юборадилар ёки зўрлаб яна қайтадан ўз динларига киришга мажбур қиладиларки, у ҳолда, гарчи мажбуран бўлса ҳам уларнинг динларига қайтадиган бўлсангиз, ҳеч қачон, на дунёда ва на Охиратда нажот топа олмассизлар”, дедилар.
21. Шундай қилиб, Оллоҳнинг (қайта тирилтириш ҳақидаги) ваъдаси ҳақ эканини ва (Қиёмат) Соатининг шак-шубҳасиз (келишини) билишлари учун (одамларни ғордаги йигитларнинг аҳволидан) хабардор қилдик. Ўшанда (одамлар бу мўьжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, асҳоби каҳф ажаллари етиб вафот қилишгач), ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша бошладилар. Бас, (айрим кишилар): «Уларнинг устига уйлар бино қилинглар. Парвардигорлари уларнинг (қайси жойда, қандай ҳолда ётганларини) жуда яхши Билгувчидир», дедилар. Уларнинг устида ғолиб бўлган кимсалар (яъни, подшоҳ ва бошқа мўминлар эса): «Албатта, биз (асҳобул-каҳф қабрининг) устида бир масжид қуриб олурмиз», дейишди.
Яъни, Биз у йигитларни аввал узоқ муддат чуқур уйқуга чўмдириб, сўнгра бу уйқуларидан “тирилтирганимиз” янглиғ одамларни - у одамлар орасида Оллоҳ таоло ўликларни қайта тирилтиришига шубҳа қиладиган, Қиёмат қойим бўлишига ишонмайдиган ва бу ҳақда мўминлар билан талашиб тортишадиган кимсалар ҳам бор эди - токи улар Оллоҳнинг қайта тирилтириш тўғрисидаги ваъдаси ҳақ эканини ва Қиёмат Соатининг шак-шубҳасиз келишини билишлари учун асҳоби каҳф аҳволидан хабардор ҳам қилиб қўйдик. Чунки Оллоҳ таоло у йигитларни ухлатиб, яъни, жонларини олиб, сўнгра уч юз йилдан ортиқ муддат ўша ҳолда қолдириб, кейин баданларидан бирон аъзони бузмасдан, чиритмасдан қайта уйғотиб-тирилтирганини кўрган ҳар қандай одамда Оллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканлиги ҳақида ва қабрлардаги ўликлар албатта қайтадан тирилишлари ҳақида заррача шак-шубҳа қолиши мумкин эмасдир.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида ривоят қилинишича, асҳоби каҳф егулик олиб келиш учун шаҳарга жўнатган йигит шаҳар бозо-ридан таом сотиб олиш учун ёнидан чиқарган тангани кўрган одамлар уни бирон жойдан хазина топиб олган деб гумон қилдилар ва дарҳол подшоҳ олдига олиб бордилар.
Бас, у йигит подшоҳ ва аъёнларига ўзи ва ҳамроҳлари ҳақида бор гапни айтиб беришга мажбур бўлди. Шунда айрим кишилар: “Ота-боболаримиз бизга золим подшоҳ Дақёнусдан динларини саломат сақлаш учун қочиб кетган йигитлар ҳақида айтиб беришган эди. Эҳтимол, бу йигитлар ана ўшалардир”, дедилар. Бас, подшоҳ ва шаҳар аҳли у йигит билан бирга у айтган ғорга қараб кетдилдар. Етиб боришгач, йигитуларга: “Шу жойда кутиб туринглар аввал мен кирай, яна дўстларим сизларни кўриб қўрқиб кетмасинлар,” деб ғорга кириши билан унинг оғзи бекилиб қолди ва подшоҳ ҳам, у билан бирга келган одамлар ҳам, на у йигитларнинг ким эканликларини, на уларнинг саноқлари қанча эканини ва на улар ғорда қанча муддат ётганларини била олмай қолавердилар. Шундан кейин, қачонки Оллоҳ таоло асҳоби каҳфни иккинчи марта ўша ғор ичида вафот қилдиргач, подшоҳ ва мўминлар билан қайта тирилишни инкор этувчи кимсалар ўртасида бу ғорни энди нима қилиш кераклиги хусусида талашиб-тортишиш бошланди: Охиратни инкор этувчилар: “Ғор оғзини тўсиб бинолар курамиз, токи, биздан кейин ҳам ҳеч ким уларнинг олдига кира олмасин. Уларнинг кимлигини, саноқлари қанчалигини Парвардигорнинг Ўзи яхшироқ Билгувчи”, дедилар. Аммо улардан устун келган иймонли подшоҳ ва бошқа мўмин-мусулмон кишилар эса: “Йўқ, бу ғорнинг олдига, табаррук жой бўлгани учун мусулмонлар намоз ўқийдиган бир масжид бино қиламиз, чунки ғор ичида бизнинг мусулмон биродарларимиз ётибдилар,” дедилар.
22. Ҳали улар (яъни, Пайғамбар алайҳис-саломга замондош бўлган яҳудий ва насронийларнинг айримлари ўша асҳобул-каҳфни): «Улар учтадир, тўртинчилари итларидир», десалар, айримлари: «Улар бешта бўлиб, олтинчилари итларидир», деб ғайбга тош отурлар (яъни, аниқ билмаган нарсалари ҳақида гап сотурлар). Яна: «Улар еттитадирлар, саккизинчилари итларидир», ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз «Уларнинг саноқларини энг яхши биладиган Зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билур», денг! Бас, улар (яъни, замон-дош аҳли Китоблар билан асҳобул-каҳф) хусусида фақат (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала мунозара қилинг ва (асҳобул-каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво - савол сўраманг!
“Тафсири Бағавий”да ривоят қилинишича, Нажрон аҳлининг насронийларидан Саййид, Оқиб ва ҳамроҳлари Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишганида асҳоби каҳф ҳақида сўз бўлган эди, асли Яъқубий, яъни яҳудийлардан бўлган Саййид: “Асҳоби каҳф уч киши эдилар, тўртинчилари уларнинг итлари эди”, деди. Оқиб эса - у Настурий, яъни, насронийлардан эди - “Улар беш киши бўлиб, олтинчилари итлари эди. Мусулмонлар: “Улар етти киши бўлганлар, саккизинчилари итлари Қитмир бўлган”, дедилар. Ояти каримада Ҳақ таоло яҳудий ва насронийлар айтган сўзларини зикр қилганидан кейин “улар ғайбга тош отурлар, яъни, ўзлари аниқ билмаган нарсалари ҳақида таҳмин ва гумон билан гап сотурлар”, дейиш билан улардан кейин сўзлаган мусулмонларнинг “Улар еттитадирлар, саккизинчилари итларидир”, деган сўзларини тасдиқлайди. Чунки мусулмонларнинг: “Асҳобул-каҳф етти киши эдилар”, деган сўзлари ояти каримада “ғайбга тош отиш” деб аталмади. Лекин жаноби Ҳақ Ўз Элчисига хитоб қилиб: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз «Уларнинг саноқларини энг яхши биладиган Зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билур», денг! Бас, улар (яъни, замондош аҳли Китоблар билан асҳобул-каҳф) хусусида фақат (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала мунозара қилинг ва (асҳобул-каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво - савол сўраманг!” дейиш билан аввало ғайб оламидаги ишлар ҳақида турли тахмин ва гумонларни айтавермасдан “уларнинг саноғини Парвардигорим Билгувчироқ”, деб Яратганнинг Ўзига ҳавола қилиш тўғри бўлишини уқтиради ва аҳли Китоблар билан асҳоби каҳф ҳақида баҳс-мунозарани чуқурлаштирмасдан, уларнинг нодонликларини юзларига солиб уялтирмасдан, фақат Қуръон оятларидан зоҳир бўлиб турган ҳақиқатнигина сўзлашни буюради ҳамда мазкур оятларда асҳоби каҳф ҳақида етарли даражада зикр қилингани учун энди бу мавзуда фақат тахмин ва гумонларни сўзлайдиган аҳли Китоблардан бирон нарса сўрашнинг мутлақо зарурати йўқ эканлигини таъкидлайди.
23-24. Ва ҳаргиз бирон нарса ҳақида: «Мен бу ишни эртага албатта қилгувчиман», дея кўрманг, магар «Иншооллоҳ - Оллоҳ хоҳласа», (денг! Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг (яъни, «иншооллоҳ», денг) ва: «Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам (яъни, асҳобул-каҳф воқеаси ҳақида хабар беришдан ҳам) яқинроқ (менинг ҳақ Пайғамбар эканлигимга яхшироқ далолат қиладиган) Тўғри Йўлга ҳи-доят қилса», денг!
Муфассирлар ривоят қилишларича, ушбу икки оят нозил қилинишига қуйидаги воқеа сабаб бўлгандир: яҳудийлар қурайшлик арабларга: «Бориб Муҳаммаддан сўранглар-чи, агар ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлса, сизларга руҳ - жон ҳақида, асҳобул-каҳф ва Зул-қарнайн тўғрисида хабар берсин», деган эканлар. Улар келиб Пайғамбар алайҳис-саломдан шу ҳақда сўраганларида, у зот: «Эртага келинглар, албатта сизларга жавоб қилурман», дебдилар-у, «Иншооллоҳ» дейишни унутибдилар. Шунда бир қанча вақт ваҳий келиши тўхтаб, сўнгра Пайғамбар алайҳис-саломга бир танбеҳ бўлиб мазкур оятлар нозил бўлгандир. (“Дуррул-мансур” ва “Маолимут-танзил” тафсирлари).
Ушбу оятлар борлиқда бўладиган барча иш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг хоҳиш ва иродаси билан рўй беришига, жумладан бандаларнинг қилади-ган ишлари ҳам фақат у Зот хоҳласагина амалга ошишига далилдир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “(Эй инсонлар), сизлар фақат Оллоҳ хоҳлаган вақтдагина (У Зот томонга йўл тутишни) хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Оллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас). Албатта Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.” (Инсон сураси, 30-оят).
Саҳиҳ ҳадисларда Сулаймон пайғамбар ҳаётида ҳам ўрганаётганимиз ояти каримада зикр қилинган воқеа каби ҳодиса содир бўлгани ҳақида хабар берилади: Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сулаймон ибн Довуд алай-ҳимас-салом: “Албатта мен бу кеча юз аёл (айрим ривоятларда етмиш аёл) устида айланурман (яъни, юз аёлим билан қўшилурман) ва ҳар бир аёл Оллоҳ Йўлида жанг қиладиган ўғил туғар”, деди-ю, иншооллоҳ”, дейишни унутди. Бас, у аёллардан бирови ҳам бирон нарса туғмади, магар бир аёл бир томони йўқ бир бола туғди”. Сўнг Пайғамбар алайҳис-салом айтдилар: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Сулаймон алайҳис-салом “иншооллоҳ” деганида, албатта ўша айтган болалари туғилган бўлар эди”. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
25. Улар каҳф - ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда ҳам қилдилар.
Муфассирлардан Наққош ва Ғазнавийдан ривоят қилинишича, ушбу оят асҳобул-каҳфни ғорда шамсий ҳисоб билан уч юз йил турганлари ҳақида хабар бермоқда. Кейинги тўққиз йил кўшилиши эса қамарий ҳисобдан келиб чиққан. Шамсий ҳисобдаги юз йил қамарий ҳисобда бир юз уч йилга тўғри келади. (“Тафсири Қуртубий”дан).
26. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Уларнинг қанча турганларини Оллоҳ яхшироқ Билгувчидир. Осмонлар ва Ернинг сирлари Ёлгиз Уникидир. У Зот нақадар Кўргувчи, нақадар Эшитгувчидир! (Одамлар) учун Ундан ўзга Эга йўқдир. У Ўз Ҳукмига ҳеч кимни шерик қилмас».
Имом Бағавий ўз тафсирида айтади: Ҳақ таоло юқоридаги оятда асҳоби каҳфнинг ғорда турган муддатларини аниқ баён қилгач, ушбу ояти каримада яна Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, гўё шундай дейди: “Уларнинг ғорда турган муддатлари Биз зикр қилганимиздек, шамсий ҳисоб билан уч юз йил, қамарий ҳисобда уч юз тўққиз йилдир. Бас, агар аҳли Китоблар шундан кейин ҳам Сиз билан бу ҳақда талашиб-тортишадиган бўлсалар, айтинг: “Уларнингўша ғорда қанча турганларини ҳам, уйқуларидан уйғонганларидан сўнг қанча яшаганларини ҳам, ўтганларидан кейин қанча замон ўтганини ҳам Ёлғиз Оллоҳ яхшироқ Билгувчидир. Чунки осмонлар ва Ердаги одамларнинг ақл-идрокларидан ва кўзларидан яширин ғайб сирлари фақат Оллоҳ таологагина аёндир. Одамларнинг сўзлари эса, миш-мишларга асосланган таҳмин ва гумонлардан ўзга нарса эмасдир. Зотан, ҳеч ким Оллоҳ таолодан яхшироқ кўргувчи ва эшитгувчи эмасдир. У Зот нақадар Кўргувчи ва нақадар Эшитгувчидир. Осмонлар ва Ердаги жамийки мавжудот учун Оллоҳдан ўзга уларни идора қилгувчи, мадад бергувчи Хожа йўқдир ваУ Зот бирон вазир ёки ёрдамчига муҳтож эмасдир. У Ўз Ҳукмига ҳеч кимни шерик қилмас. У Ўзи яратур, Ўзи буюрур ва Ўзи ҳукм қилур. Унинг Ҳукмини таъқиб қилиб текширгувчи йўқдир. Чунки Унинг шериги ҳам, маслаҳатчиси ҳам йўқдир”.
Ушбу ояти карима билан асҳоби каҳф қиссаси ўз ниҳоясига етди. Маз-кур ибратли қисса билан Ҳақ таоло Ўзининг ҳар ишга Қодир Зот эканини, барча иш Ёлғиз Унинг Қўлида эканини уқтиради ва Қиёмат Кунида жонсиз жасадларни қайта тирилтиришига мана шу дунёнинг ўзида ажиб бир воқеий мисол келтиради.
27. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг Китоби - Қуръоннигина тиловат қилинг! Унинг (Оллоҳнинг) Сўзларини ўзгартиргувчи йўқдир. Сиз ҳаргиз (Қуръондан) ўзга паноҳгоҳ топа олмассиз.
Ушбу ояти карима Қурайш кофирлари Пайғамбар алайҳис-саломга: «Бундан бошқа Қуръон келтирсанг ёки унинг оятларини ўзгартирсанг, бизлар ҳам сенга иймон келтирар эдик», деганларида нозил бўлгандир.
Ушбу ояти каримда Ҳақ таоло Ўз Элчисига ва у зоти бобаракот орқали барча уммати Муҳаммадга жамийки ишларда, жумладан асҳоби каҳф тўғрисидаги хабарларда ҳам фақатўзларига ваҳий қилиб юборилган Парвардигор Китобига - ҳеч қачон бирон Сўзи ўзгармайдиган Қуръонга эргашишни буюради ва инсон бошига бирон мусибат тушганида ё бирон нарсанинг асл ҳақиқатини билмоқчи бўлганида ёки Тўғри Йўл истаганида ҳаргиз Қуръондан ўзга илтижо қилиб борадиган паноҳгоҳ топа олмаслигини таъкидлайди.
Оят аввалидаги “утлу” калимасининг икки маъноси бордир. У “тиловат қилинг” деган маъносига ҳам, “эргашинг” деган маънога ҳам далолат қилади. Демак, ояти карима доимо Қуръон тиловатини лозим тутинг ва фақат унинг кўрсатмаларига эргашиб амал қилинг деган мазмунни англатади. Чунки дунёдаги барча сўзлар ўзгариб туради, ёлғиз Парвардигоримизнинг Сўзигина ҳеч қачон ўзгармасдан, то Қиёматга қадар мўминларга Ҳақ Йўлни кўрсатиб туради, Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг қалбини занглардан тозалаб мунаввар қилади. Иброҳим Хаввос айтади: “Қалбнинг жилоси ва давоси бештадир: Қуръонни тадаббур билан ўқиш, қоринни оч сақлаш, тунларда бедор бўлиб ибодат қилиш, саҳарларда Оллоҳ таолога тавба-тазарруъ қилиш ва солиҳлар билан ҳамсуҳбат бўлиш”. (“Танвирул-азҳон ” тафсиридан).
28. Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг Юзини - розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб кетмасин (яъни, ўзга аҳли дунёларга боқмасин)! Ва Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши ҳаддан ошиш бўлган кимсаларга итоат этманг!
Ушбу ояти кариманинг энг яхши тафсири Анъом сурасида келган мана бу оятдир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз эрта-ю кеч Парвардигорларининг Юзини истаб Унга илтижо қиладиган зотларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг! Сизнинг зиммангизда уларнинг ҳисоб-китобларидан ҳеч нарса йўқдир ва сизнинг ҳисоб-китобингиздан уларнинг зиммаларида ҳеч нарса йўқдир. Бас, уларни ҳайдаб золимлардан бўлиб қолманг!” (Анъом сураси, 52-оят).
Ушбу оятнинг нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида турли ривоятлар бор: Салмон ва Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Ушбу оят биз ҳақимизда нозил бўлган. Мушрикларнинг катталаридан бир неча кимса Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келганларида у зотни Билол, Суҳайб, Аммор ва Хаббоб каби мискин-бечора кишилар билан бирга ўтирганларини кўришиб: “Ё Расулуллоҳ, Сиз мана буларни мажлисингиздан ҳайдасангиз, бизлар Сиз билан ҳам мажлис бўлиб, сўзларингизни эшитар эдик”, дейишади. Пайғамбар алайҳис-салом уларга: “Мен мўминларни ҳайдамайман”, деб жавоб қилганларида улар: “Биз Сиздан ўзимиз учун алоҳида мажлис белгилашингизни, ҳар тарафдан келган араблар бизни Сиз билан бирга кўришиб, фазилатимизни билиб кетишларини истар эдик. Сизнинг олдингизга келган элчилар бизни ана у ялангоёқлар билан бирга кўришларидан уяламиз. Шунинг учун биз олдингизга келганимизда анавиларни чиқариб юборинг, биз туриб кетганимиздан кейин, агар хоҳласангиз, улар билан ҳам ўтираверинг”, дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у мушрикларнинг иймон келтиришларини истаб: “Майли”, дедилар. Шунда улар: “Мана шу келишувимиз ҳақида бизга бир хат ёзиб берсангиз”, дейишган эди, Алий розияллоҳу анҳуга бир саҳифа келтириб ёзишни буюрдилар. Биз бир четда ўтирар эканмиз, баногоҳ Жаброил ушбу оятларни олиб тушди. Бас, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидаги саҳифани улоқтириб юбордилар ва бизни ёнларига чақирдилар ҳамда “Салом алайкум - сизларга омонлик бўлсин, Парвардигорингиз Ўз Зиммасига Раҳмат-Марҳамат қилишни ёзгандир”, дедилар. Шундан кейин биз у зот билан бирга ўтирадиган бўлдик. Қачон туришни ирода қилсалар бизни тарк этиб туриб кетаверар эдилар. Сўнг Оллоҳ таоло: “Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг Юзини - розилигини истаб, У Зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунё-ларга боқмасин)! Ва Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши ҳаддан ошиш бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф сураси, 28-оят) оятини нозил қилгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам доим биз билан бирга ўтира-диган бўлдилар. Биз у зотга шу қадар яқин ўтирар эдикки, тиззаларимиз тиззаларига тегиб турар эди, турадиган соатлари келганида биз ўрнимиздан туриб у зотга йўл берар эдик. Ўринларидан тургач, бизга: “Алҳамдулиллоҳ, менга ўз умматимдан бўлган қавм билан бирга бўлишни буюрди. Менинг ҳаётим ҳам сизлар билан, мамотим ҳам сизлар билан биргадир”, дер эдилар”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, мушриклардан Утба, Шайба, Мутъим, Ҳорис бани Абдуманоф қабиласининг катталаридан бўлган бир тўда аҳли куфр билан Пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Абу Толибнинг олдига келишиб унга: “Агар акангнинг ўғли ана у қулларни ҳайдаб юборганида, бизнинг қалбларимизда жуда улуғ одамга айланар эди, биз унга бош эгишимиз, эргашишимиз ҳам осонроқ ва яқинроқ бўлар эди”, дейишди. Абу Толиб бу ҳақда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга сўзлаганида Умар розияллоҳу анҳу ҳам: “Уларнинг айтганини қилиб, мақсадлари нима эканини билсак эди”, деди. Шунда юқоридаги “Парвардигорлари даргоҳига тўпланишдан қўрқадиган зотларни огоҳлантиринг!”, оятидан бошлаб қуйидаги: “Ахир шукр қилгувчиларни Оллоҳ яхшироқ Билгувчи эмасми?!”, сўзлари билан тугалланувчи оятгача нозил бўлди.
Мушриклар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайдаб юборишларини талаб қилган зотлар Билол, Аммор ибн Ёсир, Абу Ҳузайфанинг қули Солим, Усайднинг қули Солиҳ, Ибн Масъуд, Миқдод ибн Амр, Воқид ибн Абдуллоҳ - Оллоҳ барчаларидан рози бўлсин - каби фақир-мискин саҳобалар эдилар. Оллоҳ таоло Ўз Расулига уларни ҳайдамасликни буюриб оятлар нозил қилгач, Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ сол-лоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, айтган сўзига узр сўради. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ояти каримада Ҳақ таоло у саҳобаларни “эрта-ю кеч Парвардигорнинг Юзини истаб Унга дуо-илтижо қиладиган зотлар” деб шарафлади. Маълум бўладики, ким ҳаётини Ёлғиз Оллоҳ ризоси учун эрта-ю кеч, яъни, давомли равишда тоат-ибодат, зикр ва дуо билан ўтказса, бой ёки камбағаллигидан қатъий назар у Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога яқин банда экан. Чунончи Ҳадиси Қудсийда ҳам Ҳақ таоло: “Мен Мени зикр қилган киши билан ҳаммажлисман - яқинман”, деб марҳамат қилган. Шунинг учун Ўзининг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳам ушбу ояти каримада ана ўша холисанлиллоҳ, бериё дуо-зикр билан ҳаётларини ўтказаётган ғариб саҳобаларни ўзларига яқин тутишларини буюрди.
29. Айтинг: «(Ушбу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (нозил бўлган) Ҳақ (Китобдир). Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин». Аниқки, Биз золим - кофирлар учун алангалари (дўзахиларни) ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, уларга доғланган ёғ каби юзларни куйдирадиган қайноқ сув ёғдирилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!
Муфассирлар ушбу оятнинг аввалги икки жумласини турлича тафсир қилдилар: Бағавий тафсирида: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ана у Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган кимсаларга айтинг: “Эй инсонлар, ушбу Қуръон Парвардигорингиз томонидан нозил бўлган Ҳақ Китобдир ва тавфиқ ҳам, (яъни, сизларни мана шу Ҳақ Китобга иймон келтиришга муваффақ қилиш ҳам), хизлон ҳам, (яъни, муваффақ қилмаслик ҳам), ҳидоят қилиш ҳам, залолатга кетказиш ҳам Ёлғиз Парвадигоримнинг Қўлидаги ишдирки, менинг зиммамдаги вазифа фақат ушбу Ҳақ Каломни сизларга етказиш, холос. Мана мен уни сизларга бекаму кўст етказмоқдаман. Энди хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳ-лаган кимса кофир бўлсин - ҳар икки тоифа ўзи танлаган ишига ўзи жавобгардир”, дейилган бўлса, Ибн Жарир Табарий тафсирида: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларга айтинг: “Ушбу Қуръон Парвардигорингиз томонидан нозил бўлган Ҳақ Китобдир. Мен сизларнинг хоҳишларингиз билан мўминларни ҳузуримдан ҳайдагувчи эмасман. Бас, хоҳласангизлар иймон келтиринглар, хоҳласангизлар кофир бўлинглар, агар кофир бўлсаларингиз, у ҳолда Роббингиз сизлар учун алангалари дўзахиларни ўрнаб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандир. Агар иймон келтирсаларингиз, у ҳолда сизлар учун Оллоҳ азза ва жалла итоат аҳлига тайёрлаб кўйган жаннат бордир”, деб тафсир қилинади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анхумодан ривоят қилинган тафсирда эса, оятдаги “хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин”, жумласи - Оллоҳ кимнинг иймон келтиришини хоҳласа, ўша иймон келтиради, кимнинг кофир бўлишини хоҳласа, ўша кофир бўлади, деб, хоҳлаш феълининг нисбати Оллоҳ таолога берилади. (“Маолимут-танзил ” тафсиридан).
Кўриниб турганидек, ушбу уч хил тафсир бир-бирларига тескари бўлмай, аксинча, биз ўрганувчилар Қуръони Азимнинг тубсиз теран маъноларини янада яхшироқ англашимизга ёрдам беради.
Ояти каримадаги “доғланган ёғ каби юзларни куйдирадиган сув” ибораси тафсирида Абу Саид Худрий розияллоху анхудан ушбу ҳадиси шариф ривоят қилинади: Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “У сув худди қайнаган ёғнинг қуйқаси каби бўлиб, унга яқин келган кимсанинг юз териси шилиниб тушади”. (Термизий ривояти).
30-31. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз, Биз (улар каби) чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз. Улар учун остларидан дарёлар оқиб турадиган мангу жаннатлар бор бўлиб, улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар билан безанурлар ва ипак-шойилардан бўлган, ям-яшил либослар кийиб, сўриларда ястаниб ўтирурлар. Нақадар яхши мукофот у, нақадар гўзал жой у!
Ушбу оятларда Ҳақ таоло ҳаётларини иймон ва солиҳ амаллар билан ўтказадиган бандалари учун зиммаларидаги бандалик вазифаларини чиройли адо қилганлари эвазига тайёрлаб қўйилган ажр-мукофот бўлмиш мангу жаннатлар ҳамда бундай гўзал ажрга ва бундай гўзал ошёнга эга бўлган инсонларнинг у жойдаги либосу зеб-зийнатлари, остидан турли дарёлар оқиб турадиган боғу бўстонлардаги сўриларда абадул-абад ором оғушида ўтиришлари ҳақида хабар беради.
Юқоридаги оятда Оллоҳнинг оятларига кофир бўлган динсиз кимсалар учун улар мангу азобланадиган дўзах борлиги ҳақида келган Илоҳий таҳдиддан кейиноқ, ушбу оятларда яхши амаллар қилган мўминлар ўзлари мангу қоладиган жаннат эгалари эканликлари ҳақида хабар берилишида - Қуръони Каримда мана шу тартиб бот-бот такрорланиб туришида кўп фойдалар бор, дейилади. Улардан бири шуки, бу услубда Ҳақ таолонинг Илоҳий Адолати яққол кўринади. Чунки куфрда доим бўлганлар доимий азобга ҳукм қилинганларидан кейин, демак, иймонда бардавом бўлганлар доимий неъматга ҳукм қилинишлари Илоҳий Адолатдир. У фойдалардан яна бири, мўминнингўй-фикрида кўркув ва умид баробар бўлиши лозим. Яъни, мўминда шу икки туйғудан бири ғолиб бўлса - азобдан қўрқув мўминни ноумидликга олиб келса ёки аксинча мўминдаги жаннатдан умидворлик шу даражага етсаки, мутлақо дўзах азобини ўйламай - қўрқмай кўядиган бўлса, бу ҳолда у, ё иймони сабабли барибир жаннатга кираман, деган хаёл билан яхши амаллар қилишдан сустлашиб қолади ёки аксинча менинг гуноҳларим ҳеч қачон кечирилмайди, деб бутунлай тушкунлик чоҳига тушиб қолади. Демак, Қуръонда азоб ва роҳат зикр қилинган оятларнинг аксар ҳолларда ёнма-ён келиши мўминдаги қўрқув ва умид ҳис-туйғуларининг мўьтадил бўлишини таъминлайди. Учинчидан, Қуръони Ҳакимдаги бу гўзал услуб сабабли мўминларга берган ваъдасидан Ҳақ таолонинг нақадар Марҳаматли Зот экани зоҳир бўлса, кофирларга қилган таҳдидидан нақадар Адолат ва Қудрат Эгаси экани кўриниб туради. Бу эса Яратган Парвардигоримизни янада яхшироқ танишимизга сабаб бўлади.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло иймон келтирган ва шу билан бирга солиҳ амаллар қилган кишилар учун мангу жаннатлар мукофот қилиб берилиши ҳақида хабар беради. Дарҳақиқат, бу дунёда мўминлар сафидан жой олиш учун «Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур-Росулуллоҳ» калимасини сидқи дил билан айтиб иймон келтириш кифоя қилар, аммо ўша мўмин инсон Охиратда Оллоҳ таоло ваъда қилган жаннатларга эришиши учун дунё ҳаётида иймон билан бирга солиҳ амаллар қилиши, яъни, мўмин бўлиш баробарида мусулмон ҳам бўлиши лозим.
Имоми Аҳмад ўз муснадларида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бир ҳадисда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллоллоху алайҳи ва саллам: «Ислом зоҳир(да қилган амалларинг)дир, иймон эса қалбдадир» деб марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-фиқхул-акбар» китобларида Ислом ва иймон хусусида: «У иккиси бир нарсанинг зоҳири - усти ва ботини - ичи кабидир» деганлар. Демак, бир кишининг зоҳирда қиладиган солиҳ амаллари ботинида - қалбида иймони бор эканига далолат қилгани каби ўша яхши ишлари билан Оллоҳ ҳузурида ажр-савобга эришиши учун у яхши амалларни бошқа бирон дунёвий ғараз - манфаат йўлида эмас, балки қалбидаги иймон тақозоси билан қилиши керак. Шунингдек, Ислом Шариати наздида солиҳ амал - яхши иш, дейилганда ҳар ким ўз ақли билан яхши деб ўйлаган иш эмас, балки Оллоҳ таоло ва Унинг Расули соллоллоҳу алайҳи ва саллам яхши деган, бошқача айтганда Қуръон ва Ҳадис адо қилишга буюрган фарз, вожиб ва суннат бўлган амаллар тушунилади. Албатта, соғлом инсоний ақл-фаросат аксар ҳолларда Қуръон ва Ҳадис кўрсатмаларида буюк ҳикматлар мавжудлигини ва уларга амал қилишда инсоният учун ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам катта фойда - нажот борлигини жуда яхши англайди. Шунинг учун ҳам аҳли иймон Яратганга беадад шукрлар қилиб, Унинг Ўз Элчиси орқали буюрган иш амалларини адо қиладилар, қайтарган ишларидан, яъни, гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўладилар.
Бениҳоя Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ бутун махлуқотининг гултожи қилиб инсонни яратди ҳамда унга бошқа бирон махлуқига бермаган ақл-фаросат ҳам ато этди. Лекин шу билан бирга инсон синов майдони бўлган бу ҳаёти дунёдан адашмай-қоқилмай ўтиб олиши учун ундаги маҳдуд билим ва чекланган ақл мутлақо етарли эмаслигини жуда яхши Билгувчи Зот унга Ўз Ҳузуридан Илоҳий Кўрсатмалар ва Амр-Фармонларини нозил қилди. Ана ўша йўл-йўриқларга амал қилган инсон, иншооллоҳ, солиҳ амал қилган бўлади, Охиратда эса ваъда қилинган жаннатларга эришади. Аммо ўзининг ҳавойи нафсига ва қосир ақлигагина суянган кимса эса албатта адашади. «(Зотан,) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сизлар учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Оллоҳ билур, сизлар билмассиз». (Баҳара, 216-оят).
Солиҳ амаллар билан ўтган мўминлар учун башорат қилинган жан-натлар - боғу бўстонлар демакдир. Остидан доимо дарёлар оқиб тургани учун мевали ва сояли дов-дарахтлари ва гулу чечаклари ҳеч қачон сўлмайдиган, қуримайдиган, бўйи ҳам, эни ҳам чексиз - чегарасиз мангу боғ-бўстонлар. Таърифига тил ожиз жаннатлар. Ҳар бир жаннатнинг эни шу қадар кенг, Қуръон гувоҳлик беришича, жаннатнинг эни осмонлар ва Ерга тенг. Дунё дори амал - амал ҳовлиси, жаннат дори савоб - дунёда қилиб ўтилган солиҳ амалларнинг савоби - ажру мукофоти бериладиган ҳовли. Ояти каримада жаннат лафзи кўплик вазнида келди, зотан аввалу охир мўминларнинг қилган солиҳ амалларининг вазни - салмоғи ҳам турличадир. Ҳар ким қилган амалининг салмоғига яраша савобга эга бў-лади. Оллоҳнинг Фазлу Карами билан ўзи учун ажратилган манзилга ту-шади. У жаннатлардаги дов-дарахтлар остидан оқиб турган дарёлар ҳар турличадир. Биридан бир марта ичган одам қайта ташналик нималигини билмайдиган зилол сув оқса, бошқасидан ичган одам учун тенгсиз лаззат бахш этгувчи тотли сут оқади. Яна биридан мусаффо асал оқса, бошқасидан ичган одам учун хушкайфият ва ором берадиган, лекин ҳеч қачон ақлдан оздирмайдиган покиза шароб оқиб туради.
“Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (будир): «Унда ҳеч қачон айнимайдиган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни,, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан магфират бордир”. (Муҳаммад сураси, 15-оят).
32. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларга икки киши (ҳақидаги) масални келтиринг! Улардан бири учун Биз икки узумзор боғ қилиб, иккисини ҳам хурмо дарахтлари билан ўраган ва у икки (боғ) ўртасини экинзор қилган эдик.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз уларга - ҳузурингиздан мискин-бечора мўминларни ҳайдашингизни талаб қилаётган бой-бадавлат мушрикларга ҳам, фақирлик машаққатини чекаётган мўминларга ҳам - бани Исроил қавмида ўтган икки оға-инини мисол қилиб келтиринг: Биз улардан бирига мол-давлат бериб бой қилиб қўйган эдик, иккинчиси эса, мискин-бечора эди.
“Улардан бири учун Биз икки узумзор бог қилиб, иккисини ҳам хурмозор билан ўраган ва ўрталарини экинзор қилган эдик”.
Ушбу ояти карима билан бу улуғ сурадаги яна бир ибратли қисса баёни бошланади. Аксари тафсир китобларида ушбу оятлар нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай бир ривоят келтирилади: Икки оға-инига оталаридан саккиз минг тилло мерос қолган эди, улардан ҳар бирига тўрт минг тиллодан тегди. У қориндошлардан бири кофир, иккинчиси мўмин эди. Динсиз кимса қўлидаги тўрт минг тиллодан минг тиллосига катта ер сотиб олди. Соҳиби бўлса: “Оллоҳим, фалончи мингтиллога ер сотиб олди, мен эса,Ўзингдан минг тиллога жаннатдан ер сотиб олмоқчиман”, деб минг тиллони Оллоҳ Йўлида садақа қилиб юборди. Сўнгра динсиз кимса минг тиллога катта қаср бино қилдирди. Соҳиби бўлса: “Оллоҳим, фалончи мингтиллога қаср қурдирди, мен эса, Ўзингдан минг тиллога жаннатдан бир ҳовли сотиб олмоқчиман”, деб бу минг тиллони ҳам садақа қилди. Сўнгра динсиз кимса бир гўзал аёлга уйланиб, унга минг тилло сарфлади. Соҳиби бўлса: “Оллоҳим, мен Ўзингга илтижо қилиб, жаннат аёлларидан бир аёлга совчи бўлмоқчиман”, деб яна минг тиллони садақа қилиб юборди. Сўнгра динсиз кимса минг тиллога кул, чўрилар ва турли матолар сотиб олди. Соҳиби бўлса: “Оллоҳим, мен Ўзингдан минг тиллога жаннатдаги мато ва ходимлардан сотиб олмоқчиман”, деб сўнгги минг тиллони ҳам садақа қилди. Сўнгра унга қаттиқ муҳтожлик етди. Шунда ўзича: “Қориндошимнинг олдига борсам, шояд бирон яхшилик қилар”, дедида, у ўтадиган йўлга чиқиб кутиб ўтирди. Кўп ўтмай ўша динсиз кимса атрофини ўраб олган одамлари билан ўтиб қолди ва уни таниб тўхтаб: “Фалончимисан?” деди. У: “Ҳа”, деган эди, “Сенга нима бўлди?” деб сўради. У айтди: “Менга сендан кейин муҳтожлик етди, шунингучун бирон яхшилик қилармикансан, деб олдингга келган эдим”. Динсиз кимса: “Молу мулкинг нима бўлди, ахир иккимиз бор молни тенг иккига бўлиб олган эдикку?” деган эди, у бўлган воқеани айтиб берди. Шунда динсиз кимса: “Шунча нарсани садақа қилиб юборасанми?! Йўқол, сенга ҳеч нарса бермайман!” деб қориндошини ҳайдаб юборди. Ана ўша оға-инилар ўртасида ҳаёти дунёда бўлиб ўтган можаролар ҳақида ушбу оятларда ҳикоя қилинади. Уларнинг вақти қазолари етиб дунёдан ўтганларидан кейин бўладиган воқеалар тўғрисида эса, мана бу оятларда хабар берилган: “Бас, улар (яъни, аҳли жаннат) бир-бирларига қараб савол-жавоб қилурлар. (Шундай суҳбатларнинг бирида) улардан бири деди: «Менинг бир дўстим бор эди. У (менга): «Ростдан ҳам сен (ўлганимиздан сўнг яна қайта тирилишимизни) тасдиқ этгувчиларданмисан? Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетган вақтимизда ҳақиқатан ҳам (қайта тирилтирилиб) жазолангувчимизми?!», дер эди. (Сўзлагувчи ҳаёти дунёда Охиратни инкор қилган дўсти ҳақидаги ҳикояни тугатгач, жаннатдаги биродарларига): Сизлар (ҳам мен билан бирга ўша дўстимнинг дўзахдаги ҳоли нима бўлганига) қарагувчимисизлар?», деди. Сўнг ўзи қараб уни дўзахнинг ўртасида кўргач; Деди: «Оллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат, сен мени ҳам ҳалок қилаёзган эдинг. Агар Парвардигоримнинг неъмати (яъни, Ҳидояти) бўлмаса эди, албатта мен ҳам (сен билан бирга дўзахга) ҳозир қилингувчилардан бўлур эдим. (Энди сен менга айтгинчи), бизлар (яъни, жаннат аҳли худди ҳаёти дунёда бизга ваъда қилинганидек), фақат биринчи ўлимимиздан бошқа ўлгувчи эмаслигимиз рост эканми?! Бизлар (ростдан ҳам) азоблангувчи эмас эканмизми? Албатта мана шу (аҳли жаннат етадиган неъматлар) буюк саодатдир”. (Вас-саффот сураси, 50-60-оятлар).
Яна бир ривоятда ўша камбағал мўмин кофир қориндоши олдига ёрдам сўраб келганида, динсиз қориндоши унинг қўлидан ушлаб ўзининг боғроғлари ва мол-мулкларини айлантириб кўрсатгани ва ушбу оятлар ўша икки киши ҳақида масал бўлиб нозил қилингани айтилади. (“Зодул-масийр”, “Баҳрул-муҳийт”, “Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” ва “Маолимут-танзил ” тафсирлари).
Ҳақ таоло у иккисидан бирига берган неъматини зикр қилиб, унинг учун икки буюк узумзор боғ яратганини, у боғларнинг чор атрофини баланд хурмо дарахтлари билан ўраб-тўсиб қўйганини, боғлар ўртасидаги кенг майдонни ҳам қуруқ ер ҳолида қолдирмай экинзор қилиб қўйганини айтади, яъни, у кимсага ҳаёти дунё неъматларидан боғ-роғларда етиштириладиган сархил мева-чеваларни ҳам, экинзорларда униб-ўсадиган турли озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам мўл-кўл қилиб берганини эслатади.
33. Ҳар икки бог ҳосилларини бекаму кўст берар, Биз уларнинг ўртасидан бир анҳор ҳам ёриб-оқизиб қўйган эдик.
Яъни, ҳар икки боғ мевага кириб бўлган ва бошқа боғлардан фарқли ўлароқ, йил оралаб мева тугмасдан, ҳар йили мўл-кўл ҳосил берар эди. Яна у икки боғнинг ўртасидан катта бир анҳор оқиб ўтар ва боғларни ҳам, экинзорни ҳам йил бўйи етарли сув билан ўз вақтида таъминлаб турар эдики, буларнинг барчаси Ҳақ таоло ҳаёти дунёда синов учун ҳатто кофир кимсаларга ҳам мўл-кўл ризқ беравериши мумкинлигини очиқ кўрсатиб турувчи яна бир далилдир.
34. Яна унинг (кофир кимсанинг бошқа) мол-мулклари ҳам бор эди. Бас, у биродари билан сўзлашаркан (мақтаниб): «Менинг мол-дунёим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ, қувватлироқ», деди.
Яъни, унинг икки катта боғи ва экинзор далаларидан ташқари яна деҳқончилик ва тижорат билан йиғиб тўплаган жуда кўп олтин-кумушлари ҳам бор эдики, бу бойликлари уни мағрур ва ўзгаларни менсимайдиган кимсага айлантириб қўйган эди. Шунинг учун у мўмин қориндошига ўзининг боғ-роғ ва мол-давлатларини кўрсатиб мақтанар экан, унинг устидан кулиб: “Кўриб қўй, менинг мол-дунём ҳам сеникидан кўпроқ, болалаларим ва хизматкор қулларим ҳам кучлироқ, қувватлироқ”, деди. Зотан, бойлик, агар динсиз кимса қўлида тўпланиб қоладиган бўлса, уни мана шундай аҳволга солиб кўйиши аниқдир. “Дарҳақиқат, (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар - ҳаддидан ошар”. (Алак, сураси, 6-7-оятлар).
35-36. Ва У (куфр билан) ўз жонига жабр қилган ҳолида, богига кирар экан, айтди: «Мен ҳеч қачон бу (боғ - молу давлатим) йўқ бўлиб кетади, деб ўйламайман. Ва мен (қачондир Қиёмат) Соати қойим бўлади, деб ҳам ўйламайман. Қасамки, агар мен Парвардигоримга қайтарилсам ҳам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам ҳам) шак-шубҳасиз, бундан-да яхшироқ оқибат - бахтни топурман».
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло бу ўринда нечанчи мартадир, кимсанинг куфр йўлини танлаши ўз жонига қилган энг қабиҳ зулми эканини таъкидлайди.
Зотан, Яратганни танимаслик ва тан олмасликдан хунукроқ зулм йўқдир. Оллоҳ таоло боғ-роғлар, экинзор далалар ва беҳисоб мол-давлат ато этган мазкур кимса ҳам ана шундай динсизлик билан ўз жонига жабр қилганлардан эди. Ана ўша кофир кимса камбағал мусулмон биродарининг қўлидан ушлаб олиб ўзининг қанчалар бадавлат ва қудратли эканини кўз-кўз қилганича боғ ичига олиб кирар экан, у жойдаги мева-ю полиз экинларини ва экинзор ўртасидан шовуллаб оқиб турган анҳорни кўрсатиб: “Мен бу туганмас бойлик қачондир йўқ бўлиб қолишига ҳечам ишонмайман, у оййил ўтган сайин кўпайса кўпаяди-ю, аммо ҳеч қачон қачон йўқ бўлмайди. Шунингдек, мен, эй биродар, қачондир ўша сен тинмай такрорлайдиган ҳисоб-китоб соати келишига ҳам ҳеч ишона олмайман. Қасам ичиб айтаманки, агар фаразан ўша сен айтган Қиёмат қойим бўлиб, мен ҳам қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилиниш учун Роббим ҳузурига қайтарилган тақдиримда ҳам, ҳеч шак-шубҳасиз, ўша жойда ҳам мана бу боғларимдан-да яхшироқ боғ-роғ ва мулку-давлатга эга булурман, чунки Роббим менга мана бу молу мулкни мени яхши кўргани учун берди, демак, у дунёда ҳам мени хор қилиб кўймаслиги аниқдир”, деб алжирар эди.
37. Биродари унга хитоб қилиб, деди: «Сен (асли-наслинг бўлмиш Одамни) тупроқдан, сўнгра сени нутфадан яратган, сўнгра инсон қилиб ростлаган Зот - Оллоҳга кофир бўлдингми?!
Яъни, мўмин биродари кофир кимсанинг ғурур ва мақтанчоқлик билан айтган сўзларини ва хусусан: “Мен (қачондир Қиёмат) Соати қойим бўлади, деб ҳам ўйламайман”, деганини эшитгач, унга хитоб қилиб гўё шундай деди: “Сенинг Оллоҳтаоло Қиёмат Кунида барча жонзотни қайта тирилтиришига ишонмаслигинг У Зотнинг Қудратини инкор қилганингдирки, бу очиқ куфрдир. Наҳотки сен ўзингнинг асли-наслинг бўлмиш Одам Отани ва унинг пуштикамарида барча одамларни, жумладан сени ҳам қора тупроқдан яратган, сўнгра ҳар бир инсонни бир томчи сув бўлмиш нутфадан оналари бачадонида пайдо қилган, сўнгра ўша ўлик тупроқ ва жонсиз сувдан яралган бир тишлам гўштга жон киритиб, сени мўътадил қоматли ва чиройли суратли инсонга айлантириб қўйган Оллоҳ таолони Ўзи хоҳлаган соатда тупроққа айланган жасадларга қайтадан жон киритишга Қодир Зот эканлигига иймон келтирмасанг?!”.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсоннинг яралиши ва унинг насли давомийлиги ҳар вақт мана шу тупроқ ва сувга боғланишини ўта ихчам, жуда гўзал ва ҳар бир ақл соҳиби тафаккур қилса яхши англайдиган аниқ тарзда баён қилиб беради. Дарҳақиқат, ибрат кўзи билан боқсак, асли-насли қора тупроқдан ва сўнгра бир томчи сувдан пайдо бўлган инсоннинг озиқ-овқати ҳам, жамийки жонзотларнинг емишлари ҳам мана шу тупроқдан униб чиққан набототдир. Барча ўсимлик, дон-дун ва мева-чеваларнинг ерда ҳосил бўлиши учун эса, сув зарурдир. Сўнгра истеъмол қилинган ғизо - таомнинг муайян бир қисми баданда қонга, у қоннинг бир қисми эса, яна бир инсоннинг асли бўлган нутфага айланади ва бу узлуксиз жараён то Қиёматга қадар давом этади.
Жамийки махлуқотни, жумладан, инсониятни йўқдан бор қилиб, сўнгра уларнинг ҳаётини мана шундай гўзал тарзда давомий қилиб қўйган Зотнинг Қиёмат Кунида уларни қайта тирилтириб ҳисоб-китоб қилишга ҳам албатта Қодир эканлигига шак-шубҳа қилаётган биродарига панд-насиҳат қилар экан, мўмин банда яна шундай деди -
38. Лекин мен: «У - Оллоҳ Парвардигоримдир», (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмайман.
Яъни, лекин мен ҳеч қачон сен айтган сўзни айтмайман, балки мен: “Менинг Роббим Ёлғиз Оллоҳдир”, дейман, яъни, мени йўқдан бор қилиб яратган ҳам, ҳаётимнинг ҳар нафасида парвариш қилгувчи ҳам, умр ва ризку рўз бергувчи ҳам, Ўзи хоҳлаган лаҳзада ўлим бергувчи ҳам, Ўзи хоҳ-лаган Соатда қайта тирилтириб ҳисоб-китоб қилгувчи ҳам Ёлғиз Оллоҳдир, дейман ва У Парвардигоримга бирон кимса ёки нарсани ширк келтирмайман.
Мўмин банда айтган бу сўзлар, динсиз биродарининг куфр келтириши Оллоҳ таолонинг борлигини инкор қилганидан эмас, балки У Зотнинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигини инкор этиб, турли бут-санамларни Оллоҳ таолонинг шериклари деб эътиқод қилгани сабабли бўлганига ишорадир.
У сўзида давом этиб яна деди -
39-40-41. Қани энди сен боғингга кирган пайтингда: «Оллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), ва куч-қувват Ёлгиз Оллоҳ биландир», десанг эди! Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг; шоядки, Парвардигорим менга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар, (сенинг боғингга эса) осмондан (олов ёки чақмоқлар каби) балолар юборур, бас, у сип-силлиқ ерга айланиб қолур. Ёки унинг суви (ер остига) сингиб кетиб, сен уни истаб топа олмай қолурсан».
“Сен боғингга кирган пайтингда: «Оллоҳ хоҳлаган нарсагина (бў-лур), бор куч-қувват Ёлғиз Оллоҳ биландир», десанг эди!”.
Ушбу оятларда мўмин банда томонидан кофир қариндошига айтилган панд-насиҳатлар қаторидаги мазкур жумланинг ҳукми умумий бўлиб, Яратганнинг барча бандаларига юборган Илоҳий тавсиясидир. Чунки чин дилидан “Ма шааоллоҳ ла қуввата илла биллаҳ”, яъни, “Оллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур) ва бор куч қувват Ёлғиз Оллоҳ биландир” деган инсон ўзининг бандалигини тан олиб, ожизлигини эътироф қилган бўладики, ҳақиқий мўминнинг ақийдаси шундай бўлиши лозимдир. Шунинг учун мўмин банда ўзининг биродарига “сен ҳам боғингга кирган пайтингда “мен ҳеч қачон бу боғ йўқ бўлиб кетади деб ўйламайман” (36-оят) дейиш ўрнига “Бу боғ албатта Оллоҳнинг хоҳиши билан шундай обод ва серҳосил бўлди, акс ҳолда, уни бундай ҳолга келтиришга менинг кучим ҳам, қувватим ҳам етмас эди. Фақат Оллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур) ва бор куч-қувват Ёлғиз Оллоҳ биландир”, деб бандалигингни бўйнингга олиб, ожизлигингни эътироф этганингда, ўзинг учун яхшироқ бўлар эди”, деб насиҳат қилди.
Тафсир китобларида ояти карима шарҳида кўплаб ҳадислар ворид бўлгандир: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки ўзини лол қилган бирон нарсани кўрганида: “Оллоҳ хоҳлаган нарсагина бўлур ва бор куч-қувват Ёлғиз Оллоҳ биландир”, деса, у нарсага кўз тегмайди”.
Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма розияллоху анҳудан Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламнинг: “Жаннат билан дўзах тортишиб, жаннат: “Менга заиф-ожиз кишилар киради”, деди”, деган ҳадисларида айтилган заиф кишилар кимлар? деб сўралган эди, у айтди: “У шундай кишики, ўзининг кучи ҳам куввати ҳам йўқлигини тан олиб, бир кунда йигирма ёки эллик марта “Куч ҳам, кувват ҳам Ёлғиз Оллоҳ биландир”, деб такрорлайди”, деди.
Яна ривоят қилиндики, ким уйига кирган ёки ундан чиққан вақтида: “Бисмиллаҳ, ма шааоллоҳ, ла куввата илла биллаҳ (яъни, Оллоҳ Исми билан, Оллоҳ хоҳлаган нарсагина бўлур ва бор куч-кувват Ёлғиз Оллоҳ биландир)”, деса, унинг олдидан шайтонлар тирқираб қочиб кетади ва Оллоҳ унинг устига баракотлар ёғдиради.
Оиша розияллоху анҳо айтди: “Қачон киши уйидан чиққанида: “Бисмиллоҳ, деса, фаришта: “Ҳидоятландинг” дер, қачон у: “Ма шааоллоҳ”, деса, фаришта: “Кифояландинг”, дер, қачон у: “Ла куввата илла биллаҳ”, деса фаришта: “Қўриқландинг”, дер” (“Тафсири Қуртубий”дан).
“Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг; Шоядки, Парвардигорим менга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар, (сенинг боғингга эса) осмондан чақмоқлар юборур, бас, у сип-силлиқ ерга айланиб қолур. Ёки унинг суви (ер остига) сингиб кетиб, сен уни истаб ҳам топа олмай қолурсан”.
Яъни, “эй биродар, агар сен мени ушбу ҳаёти дунёда мол-давлат борасида сендан фақир-камбағал эканимни ва бола-чақа жиҳатидан ҳам сендан камроқ эканимни кўрганинг учун менга кибр-ҳаво қилиб мақтанаётган бўлсанг, у ҳолда билгинки, мен Охират диёрида аҳвол тамоман ўзгаришини кутмоқдаман. Умид қиламанки, Оллоҳ таоло у жойда менга сенинг мана бу боғингдан яхшироқ боғ - жаннат ато этар. Сенинг ҳеч қачон куримайди, йўқ бўлмайди деб ўйлаган боғингга эса, эҳтимол, осмондан қаттиқ сел ёки чақмоқ каби бало юбориб, сени бу неъматдан бутунлай маҳрум қилар ва боғингни бирон ўт-ўлан ўсмайдиган тошдек силлиқ ерга айлантириб қўяр ёки боғ ўртасида тинмасдан оқиб турган анҳордаги сувни бутунлай ер тубига сингдириб юбориб, сен уни қаердан излашни ҳам билмай қолурсан”.
Дарҳақиқат, иш худди мўмин банда кўз тутганидек бўлди -
42. Ва (кофир кимсанинг), мева-боғи ўраб олинди (яъни, бутунлай ҳалок қилинди). Ўзи эса қулаб тушган ишкомлари устида (бу боғга) сарфлаган нарсаларини (ўйлаб), чапак чалганича (яъни, афсус-надомат чекканича): «Қани эди, мен ҳам Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!», деб қолаверди.
Яъни, Оллоҳ таоло осмондан бир ногаҳоний бало юборди ва у кофир кимсанинг бор мол-мулки ҳам, ҳеч қачон ҳалок бўлмайди деб ишониб, мақтаниб юрган боғлари ҳам олов ичида қолиб бир зумда ер билан яксон бўлди. Бас, у бу боғни бино қилиш учун сарфлаган меҳнат, вақт ва ҳаражатларининг барчаси саноқли дақиқаларда зое бўлганига ҳасрат-надомат чекиб кафтларини бир-бирига урганича, мусулмон биродари қилган панд-насиҳатларни эслаб: “Қани эди, мен ҳам биродарим каби “Роббим Ёлғиз Оллоҳ”, деганимда ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!” деб бу кўргуликларнинг ҳаммасига ўзининг мушрик бўлгани сабабчи эканини тушуниб етди ва ҳозиргина қўлида турган нарсаларнинг барчаси Ёлғиз Оллоҳ таоло Ўз Қудрати ва Марҳамати билан ато этган неъматлар бўлганини жуда яхши англади. Аммо афсус ва надоматлар фойда берадиган вақт ўтган эди, унинг боғ-роғ ва бор мулку-давлати куйиб битган эди.
43. Ва унинг учун Оллоҳдан ўзга бирон ёрдам берадиган жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам (ўзига) ёрдам бера олгувчи бўлмади.
Яъни, Оллоҳ таолонинг балоси ёғилган вақтда дунёдаги бирон жамоат ёки лашкар У Зотнинг Ҳукмига қарши бориб у балони қайтариб ёки кўтариб юборишга қодир бўлмас ва балога мубтало бўлган кимса ҳам бирон йўл билан ўзини ҳимоя қила олмас. Мазкур кофир кимсанинг ҳоли ҳам худди шундай бўлди: “унинг учун Оллоҳнинг Ҳукмига қарши ёрдам берадиган бирон жамоат тапилмади ва унинг ўзи ҳам ўзини у балодан ҳимоя қила олмади” ва натижада ҳамма нарсасидан айрилиб, куруқ қўл билан қолаверди.
Агар у кимса ширк келтирганидан афсус чекиб, тавҳидга - Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга мойил бўлган эдику, нега унга ёрдам берилмади? деган савол пайдо бўлса, жавоб шудир: унинг тавҳидга бўлган рағбати фақат дунё талабида, яъни, мол-мулкини сақлаб қолиш учун бўлган эди, шу сабабдан унинг дуо-илтижоси Оллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлмади. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
44. У жойда салтанат Ҳақ (Соҳиби бўлмиш) Оллоҳникидир. У энг яхши савоб - мукофот ато этгувчи ва энг хайрли оқибатни бергувчи Зотдир.
Муфассирлар ушбу оятдаги “ҳуналика - у жойда” иборасини икки ҳил тафсир қилдилар: Имом Бағавий ва Қуртубий: “у жойда”дан мурод, Қиёмат”, деган бўлсалар, “Танвирул-Азҳон” ва “Ал-Муқтатаф мин уюувнит-тафосийр” тафсирларида “у жойда” деб юқоридаги оятда зикр қилинган жой ва ҳолат назарда тутилмоқда, яъни, у кофир кимсанинг бошига тушган мазкур мусибатда ёрдам бера олгувчи Зот Ёлғиз Ҳақ таолодир-ки, Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч кимда бундай салтанат йўқдир, деб аввалги оят мазмуни таъкидланмоқда”, дедилар. Аввалги тафсирга кўра эса, Қиёмат Кунида Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч кимда валоят - эгалик қилиш ва ёрдам бериш салтанати йўқ деган маъно англашилади. Ояти каримадаги иккинчи жумла “Тафсири Жалолайн”да айтилишича, Оллоҳ таоло савоб бериши умид қилинадиган зотларнинг энг Афзалидир ва Унга тоат-ибодат қилишнинг оқибати Ундан ўзгага тоат-ибодат қилиш оқибатидан яхшироқдир, деган мазмундадир. Дарҳақиқат, гарчи жоҳил, мушрик кимсалар турли кимса ва нарсаларга сиғиниб, улардан яхшилик ва ажр-мукофотлар кутиб яшасалар-да, мўминлар учун дунё-ю Охиратда энг яхши ажр-мукофот бергувчи Зот Ёлғиз Оллоҳдир, Ундан умидвор бўлиб иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилар учун энг хайрли оқибатни ато этгувчи ҳам Танҳо Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзидир.
45. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг! (У) худди Биз осмондан ёғдирган сувга ўхшайдики, (аввал - киши ҳаётинииг баҳорида) у (сув) сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-туташиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач), шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Оллоҳ ҳамма нарсага Қодир бўлган Зотдир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло динсиз кимсалар сиғинадиган дунё ҳаёти қанчалар қисқа, қўнимсиз ва бебақо эканига ўта ибратли бир мисол келтиради: Дарҳақиқат, ҳаёти дунё худди Оллоҳтаоло осмондан ёғдирган ёмғир сабабли Ердан униб чиқадиган набототга ўхшайди. Ўсимликлар оламининг полизларга экиладиган экин-тикинлари, дон-дунлари ва боғ-роғларидан олинадиган мева-чевалари одамлар учун таом бўлса, дала-даштларда униб-ўсадиган ўт-ўланлар чорва ҳайвонлари учун емиш бўлади. Агар ана ўша наботот оламига ибрат кўзи билан назар солсак, кўпинча даҳшатли бир манзаранинг гувоҳи бўламиз: Дастлаб, осмондан тушган сув сабабли “ўлик” Ер тирилади-тупроқни ёриб чиққан турли-туман ўсимликлар, ўт-ўланлар, аста секин барг ёзиб, палак отиб, бир-бирларига туташиб, бутун заминни қоплаб олади, кейин дала-дашт, боғ-роғлар қийғос гуллаб, худди ёш келинчаклардек “ясан-тусан” қилиб, безаниб, ҳаммани ўзига қаратади, сўнгра мева тугиб, пишиб етилади ва энди одамлар хурсанд бўлишиб, мўл ҳосил олишларига ишонишиб, ана-мана йиғиб-териб оламиз деб турган пайтларида, Яратганнинг Амри билан кечасими, кундузими, ҳеч кутилмаган бир “табиий офат” келадида, бирон нарса қолмай, бир кунда бутун ҳосил нобуд бўлади, экин-тикинларига, боғ-роғларига маҳлиё ва мафтун бўлган одамлар бир кунда барча нарсалардан маҳрум бўлганларича қолаверадилар! Қиссадан ҳисса шуки, худди шунга ўхшаб ҳаёти дунёга, унинг ялтир-юлтур матоларига мафтун бўлган ва “мен мана шу дунёнинг эгасиман”, деб ўйлайдиган кимсалар ҳам бир куни, улар жуда хотиржам ҳолларида дунёларига маҳлиё бўлиб турган пайтларида тўсатдан Оллоҳ таолонинг Амри билан бошларига бир бало-офат келади-да, улар бир нафасда ўзлари сиғиниб қуллик қилган дунёларидан бутунлай маҳрум бўлиб, қуруқ қўл билан қолаверадилар, яъни, ҳаёти дунёдан бирон яхшилик қилмасдан чиқиб кетаверадилар!
Инсонларга ҳаёти дунёнинг бебақолигини эслатувчи оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Оллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир”. (Хддид сураси 20-оят). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳ осмондан сув (ёмғирқор) ёғдириб, уни Ердаги булоқлар-чашмалар қилиб оқизиб қўйгани-ни кўрмадингизми? Сўнгра у (сув)нинг ёрдамида ранго-ранг экин-тикин чиқарур, сўнгра у қуриб-қовжирар, бас, Сиз уни сарғайган ҳолда кўрурсиз, сўнгра (Оллоҳ) уни хас-хашакка айлантирур. Албатта бунда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бордир”. (Зумар сураси 21-оят).
Ҳукамолар айтадилар: “Оллоҳ таоло мол-дунёни оқар сувга ўхшатгани бежиз эмасдир. Чунки, худди сув бир жойда тўхтаб турмаганидек, дунё ҳам бир кишининг қўлида тўхтаб турмайди, худди сув бир ҳолатда барқарор туриши мумкин бўлмаганидек, дунё ҳам ҳеч қачон бир ҳолатда барқарор бўлмайди, худди сув тинмасдан оқиб турганидек, дунё ҳам кетиб қолиши аниқдир, худди сувга тушган одам хўл бўлмасдан чиқиши мумкин бўлмаганидек, дунёга эга бўлган одам ҳам унинг фитна ва офатларидан саломат бўла олмайди, худди сув чекланган - мўътадил миқдорда бўлса, фойдали ва ундириб-ўсдиргувчи бўлиб, миқдордан ортиқча бўлса, зарарли ва ҳалок қилгувчи бўлгани каби, дунёнинг ҳам зарур бўлган миқдордагиси фойдали, ортиқчаси эса, зиёнлидир”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
“Саҳиҳи Муслим”да Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинди: У зот: “Ким мусулмон бўлса ва унга кифоя қилгудек ризқ берилса ҳамда Оллоҳ таоло уни берган ризқига қаноатли қилиб қўйса, ўша инсон нажот топибди”, деб марҳамат қилдилар.
“Оллоҳ ҳамма нарсага Қодир бўлган Зотдир”.
Яъни, У Зот ҳамма нарсага, жумладан, дунё ҳаётини пайдо қилишга ҳам, уни гуллатиб-яшнатишга ҳам, сўнгра тамоман йўқ қилиб юборишга ҳам Қодирдир. Бас, ақлли инсон бу ўткинчи дунёга алданиб - қул бўлиб қолмасдан дунё ва Охиратдаги барча махлуқотнинг Эгаси бўлмиш Қодир Оллоҳга тоат-ибодат қилмоғи лозим. Чунки дунё бевафодир, унинг зебу зийнатлари бебақодир.
46. Мол-мулк ва фарзандлар ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолгувчи солиҳ амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга арзирлироқдир).
Алий ибн Абу Толиб розияллоху анҳу айтди: “Мол-дунё ва фарзандлар дунёнинг экини, солиҳ амаллар эса, Охиратнинг экинидир. Гоҳо Оллоҳ таоло уларни яъни, ҳам дунё, ҳам Охират экинини айрим одамлар учун жамлайди. Ояти каримада зикр қилинган “Ал-боқиётус-солиҳот - абадий қолгувчи солиҳ амаллар” ҳақида муфассирлар томонидан турли тафсирлар ривоят қилинди.
Ибн Аббос розияллоху анхумо, Икрима ва Мужоҳид раҳимахумаллоҳ: “Улар Субҳоналлоҳ - Оллоҳ ҳар қандай айбу нуқсондан Поқцир, Алҳамдулиллоҳ - Ҳамд-сано Ёлғиз Оллоҳ учундир, Ла илаҳа иллаллоҳ - Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳ бордир ва Оллоҳу Акбар - Оллоҳ Буюкроқдир калималарини айтмоқликдир. Чунки бизга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Энг афзал Калом тўрт калимадир - Субҳоналлоҳ, Алҳумдулиллоҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Оллоҳу Акбар”, деган ҳадислари ривоят қилинган”, дедилар. (Бухорий ривояти).
Бу мавзуда яна бошқа ҳадислар ҳам ворид бўлган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Субҳоналлоҳ, Алҳамдуллиллоҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ, Оллоҳу Акбар дейишим мен учун устига қуёш нури тушадиган барча нарсадан (яъни, дунё ва ундаги бор нарсадан) яхшироқдир”, дедилар. (Муслим ва Бағавий ривоят қилганлар).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ал-боқиётус-солиҳот”ни кўпайтиринглар”, дедилар. “Улар нимадир, ё Расулуллоҳ”, дейилган эди, айтдилар: “Такбир (Аллоҳу Акбар), таҳлил (Ла илаҳа илаллоҳ), тасбеҳ (Субҳоналлоҳ), алҳамдулиллоҳ ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил-алиййил-азийм (яъни, бор куч ҳам, қувват ҳам энг Юксак ва Улуғ Оллоҳ биландир)”. (Аҳмад ривояти).
Саид ибн Жубайр, Масруқ ва Иброҳим раҳимаҳумуллоҳ эса, оятдаги “Ал-боқиётус-солиҳот”дан мурод беш вақт намоз ва Оллоҳ таоло бандаларига фарз қилган барча ибодатлардир, деб тафсир қилганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ҳам шундай ривоят бор. (“Маолимут-танзийл” тафсиридан).
Шунингдек, Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳудан мазкур калималардан мурод, яхши ниятлар ва олий мақсадлардир. Чунки қилинган амаллар ниятларга қараб қабул қилинади ва Оллоҳ таоло ҳузурига кўтарилади”, деган тафсир ҳам бор. Убайд ибн Умайр раҳимаҳуллоҳ эса: “Ал-боқиётус-солиҳот” солиҳа қизлардир. Чунки оят аввалида фарзандлар ҳақида айтилди, сўнгра мазкур калималар зикр қилинди. Демак, ояти карима маъноси, солиҳа қизлар Оллоҳ таоло ҳузурида ота-оналари учун савоби кўпроқ ва орзулироқдир”, дейди. Бу тафсирни мана бу ҳадислар ҳам қувватлайди: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қиз фарзанд кўрса-ю, унга чиройли таълим-тарбия берса ва Оллоҳ таоло унга ато этган неъматларни қизидан аямасдан ўстирса, ўша қизи унинг учун дўзахдан тўсиқ ёки парда бўлур”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Куртубий”дан).
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: “Менинг олдимга бир мискина аёл қўлида икки қизчасини кўтариб кириб келди. Мен унга уч дона хурмо берган эдим, у қизларига биттадан хурмо бериб, учинчи хурмони ўзи емоқчи бўлиб энди оғзига солганида ҳалиги қизчалар ундан яна овқат сўрашди. Шунда аёл оғзидаги хурмони олдида, иккига бўлиб уни ҳам қизларига берди. Мен унинг бу ишидан ҳайратда қолдим ва кейин у ҳақда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган эдим, у зот: “Албатта Оллоҳ азза ва жалла у аёл учун бу иши сабабли жаннатни вожиб қилди”, ёки “уни дўзахдан озод қилди”, дедилар. (Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким икки қизни то улар балоғатга етгунларича боқиб тарбияласа, Қиёмат Кунида мен билан мана бундай бирга бўлади, дедилар ва икки панжаларини жуфтлаштириб кўрсатдилар. (Муслим ривояти).
“Танвирул-азҳон” тафсирида Ибн Асокирдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Дастлаб қиз фарзанд кўриши аёлнинг баракотли эканлигидандар”, деб марҳамат қилдилар.
Ояти каримада зикр қилинган ўта муҳим мавзу - ҳаёти дунё зийнатларига берилиб кетмаслик лозимлиги тафсиримизнинг 2-китобида, Ол-и Имрон сурасининг 14-оятида ҳам айтилгандир. Ўз ўрнида биз мазкур оятни алақадриҳол тафсир қилиб ўтдик. Мавзуни теранроқ англаш учун яна ўша оят тафсирига ҳам мурожаат қилинса, фойдадан холи бўлмас, иншооллоҳ.
47. Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғроғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эсланг! У Кунда) Биз улардан бирон кимсани қолдирмасдан тўпладик.
Ушбу ва қуйидаги оятларда сўз ҳаёти дунёдан Охират диёрига кўчади. Жаноби Ҳақ Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, у зот орқали ҳар бир эслаш ва кўриш салоҳиятига эга бўлган инсонга хитоб қилиб, Қиёмат Кунида тоғларни талқон қилиб фазога сочиб юборишини ва улар булутлар янглиғ осмонда сайр қилиб юришларини, Ер эса, баланд-пастликлардан, дарахт ва экинлардан холи бўлиб очиқ ва теп-текис бўлиб қолишини ҳамда ҳаёти дунёга келиб кетган бирон кимса қолмасдан барчаси маҳшаргоҳга (барча халойиқ ҳисоб-китоб учун тўпланадиган жойга) йиғилиб, ҳисоб-китоб қилинишларини эслатади.
Ато раҳимахуллоҳ оятда зикр қилинган Ернинг очиқ-яланғоч бўлишлигини Ер остидаги жасад ва бошқа нарсаларнинг барчасини устига чиқариб, унинг ичида нима бўлса, барчаси сиртга чиқиб кўриниб қолишидир, деб тафсир қилади. (“Тафсири Бағавий”дан).
Қиёмат Кунида барча гувоҳ бўладиган бу мудҳиш манзара бошқа оятларда ҳам тасвирланган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), улар Сиздан тоғлар (Қиёмат Кунида қандай ҳолда бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, айтинг: «Парвардигорим уларни (қум каби) сочиб юборур». Сўнг У Зот (Ерни) теп-текис қилиб қўюрки, унда на чуқурни ва на дўнгликни кўрурсиз. У Кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргапгурлар - итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас, фақат пичирлашнигина эшитурсиз”. (Тоҳа сураси, 105-108-оятлар). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз уларга) айтинг: «Албатта аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам маълум Кундаги белгиланган вақтга шак-шубҳасиз, тўплангувчидирлар”. (Воқеа сураси, 49-50-оятлар). Ўша Қиёмат Кунида Ҳақ Таоло Ўзи Қози бўладиган Илоҳий маҳкамада қилинадиган ҳисоб-китобга Ер-у кўкдаги барча халойиқ ҳозир бўладилар - малоикалар ҳозир бўладилар, жамийки пайғамбарлар тўпланадилар, инсу жин, парранда-ю дарранда - ҳамма-ҳаммалари гувоҳ бўлиб турадилар ва зарра мисқолича зулм қилмайдиган, бир яхшиликка неча баробар ажр берадиган Одил Зотнинг Ўзи мўминларни жаннатга, кофир ва мунофиқларни дўзахга хукм қилади.
48. Ва улар сафсаф бўлган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, Биз сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз. Балки Бизни, сизларга ваъда қилинган Кунни (яъни, Қиёматни қойим) қила олмас, деб ўйлагандирсизлар?!»
Ушбу оятнинг энг яхши тафсири мана бу ояти каримадир: “Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда, ёлғиз-ёлғиз келдингиз. Биз сизларга берган нарсаларимизни (яъни, мақтанадиган мол-дунёларингизни) ортингизда қолдирибсиз. Сизлар билан бирга ўзингизча Оллоҳга шерик деб гумон қилган - қўлловчиларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Ўрталарингиз узилиб қолибди. Ишониб юрган нарсаларингиз - бутларингиз сизлар-дан йўқ бўлибди!” (Анъом сураси, 94-оят).
Ушбу ояти карима Ҳақ таолонинг Қиёмат Кунида кофирларга айтадиган Сўзидир. У Куннинг келиши ҳам, бу Сўзнинг айтилиши ҳам жуда аниқ бўлгани учун ўтган замон феълида айтилди. Яъни, эй куфр аҳли, “мана” Бизнинг хузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда - ёлғиз-ёлғиз, яланғоч, ялангоёқ, онадан туғилгандек ҳолатда келдингиз. Биз сизларга берган мол-дунёни, хотинларингизни, болаларин-гизни, хизматкорларингизни ҳаммасини ташлаб келибсиз, улардан биронтаси сизларга ҳамроҳ бўла олмай қолишаверибди. Ёнларингизда қўлловчиларингиз - бутларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Улар қаёқда қолишди?! Ахир сизлар: “Бут-санамларимиз Оллоҳнинг шериклари, улар Оллоҳ ҳузурида бизларни шафоат қилиб қўллайдилар”, деб даъво қилар эдинглар-ку! Ўрталарингиз узилиб қолибди-ку! Ишониб юрган бутларингиз сизлар уларнинг ёрдамига роса муҳтож бўлган вақтингизда ғойиб бўлиб қолишибди-ку!”.
Бу Сўз Қиёмат Кунида ҳар бир кофирга айтиладиган Сўздир! Бас, маъ-лум бўладики, у Кунга инсон билан бирга борадиган нарсаси фақат унинг иймони ва солиҳ амалидир. Бунинг учун эса ҳаёти дунёда мўмин-мусулмон бўлиб яшаш керак.
Ибн Жарир Табарий ва бошқалар Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Назр ибн Ҳорис исмли мушрик: “Мени Лот ва Уззо бутлари шафоат қилади”, деганида, мушрикларнинг бундай хомхаёллари ҳеч қачон амалга ошмаслигини мусулмонларга уқтириш учун Оллоҳтаоло ушбу оятни нозил қилган экан.
Муслим ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Оиша розияллоҳу анҳо Оллоҳтаолонинг: “Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда ёлғиз-ёлғиз, (яланғоч, ялан-гоёқ, онадан туғилгандек ҳолатда) келдингиз”, деган сўзларини ўқиб: “Ё Расулуллоҳ, қандай уят-а! Эркаг-у аёлларнинг ҳаммаси тўпланиб, бир-бирларини авратини кўриб тураверадиларми?” деганида Расулуллоҳ сол-лоллоху алайҳи ва саллам: “Улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур”. (Абаса сураси 37-оят). Эркаклар аёлларга, аёллар эркакларга қарамайди. Ҳар бири ўзи билан ўзи машғул бўлиб қолади”, дедилар.
Шунингдек, Охират Кунида мол-мулк ва дунё неъматларининг ҳам ҳеч қандай фойдаси тегмай қолади. “Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласи: “Молим, молим”, дейди. Молингдан сенга фақат еб тугатганинг ёки кийиб эскиртирганинг ёки садақа қилиб қолдирганинг қолади. Ундан бошқаси кетгувчи, сен эса уни тарк этгувчисан”, дедилар.
Ояти карима тафсирида “Танвирул-азҳон”да ҳикоя қилинишича, халифа Сулаймон ибн Абдул-Малик Абу Ҳозимдан: “Нега биз дунёни севамиз-у Охиратни ёмон кўрамиз?” деб сўраган эди, у айтди: “Чунки сизлар дунёларингизни обод, Охиратларингизни хароб қилдингиз. Шу боисдан обод жойдан харобага кўчишни истамайсизлар”. Сулаймон: “Тўғри айтдинг, эй Абу Ҳозим. Қани энди мен эртага, Оллоҳ таоло хузурида биз учун нима тайёрлаб қўйилганини билсам”, деди. Абу Ҳозим айтди: “Агар билишни хоҳласанг Оллоҳнинг Китобига қарагин, билиб оласан. У Китобда: “Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни, мўминлар жаннат) неъматларидадирлар. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилгувчи кимсалар дўзахдадирлар!” (Инфитор сураси, 13-14-оятлар) деб ёзилиб турибди”. Сулаймон яна сўради: “Оллоҳ таолога рўбарў қилиниш қандай бўлади?” Абу Ҳозим айтди: “Чиройли амал қилгувчи инсон Парвардигорига худди йўқолиб қолган киши ўз уйига қайтиб келганидек шод-хуррам ҳолда рўбарў бўлади, ёмонлик қилгувчи кимса эса, худди қочиб кетган кул хожасига тутиб келтирилганидек ҳасрат-надоматда рўбарў бўлади”. Бу сўзларни эшитган Сулаймон ибн Абдул-Малик қаттиқ йиғлади.
49. (Сўнг ҳар бир кишининг) китоби - номаи аъмоли (тарозуга) қўйилди. Бас, гуноҳкорларнинг ундаги (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз бирон кимсага зулм қилмас.
Ояти карима мазмунидан маълум бўладики, ҳаёти дунёда қилинган бирон бир амал Охират диёрида, Қиёмат Кунида жазосиз қолмайди. У яхши амал бўладими, ёмон амал бўладими, катта ёки кичик-арзимас амал бўладими, албатта Оллоҳ таоло улардан биронтасини қолдирмасдан яхшига баҳосини, ёмонга жазосини бериши аниқдир.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар арзимас саналган гуноҳлардан ҳам узоқ бўлинглар! Чунки арзимас саналган гуноҳларнинг мисоли худди бир қавмга ўхшайдики, улар бирон водийга тушиб-тўпланиб, буниси бир дона ўтин келтириб, буниси яна бир дона ўтин келтириб, ўша арзимас саналган хас-хашаклардан катта олов пайдо бўлади ва улар ўша олов билан нонларини пишириб оладилар (яъни, ўша арзимас саналган гуноҳлар ҳам кўпайиб-тўпланиб, охир-оқибатда эгасини дўзах ўтида куйдиришга етадиган оловга айланиши мумкин). Албатта арзимас саналган гуноҳлар ҳам ҳалок қилгувчидирлар”. (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, инсон фақат яхши амаллар қилишга одатланиши, ёмонликларнинг эса, каттасидан ҳам, арзимас саналган кичигидан ҳам узоқ бўлиши лозим. Чунки ҳар бир инсон ўзи эккан дарахтнинг мевасидан ейди. Бу хусусда “Танвийрул-азҳон” тафсирида бир ибратли ҳикоят келтирилибди: бир куни Оиша розияллоҳу анҳо ўтирган эди, қўлларини ўраб олган бир аёл кириб келди. Оиша: “Сенга нима бўлди, қўлингни енгингдан чиқар-маяпсан?” деб сўради. Аёл айтди: “Эй мўминлар онаси, асти сўраманг. Менинг ота-онам ўтиб кетдилар. Отам хайр-садақотлар қилишни яхши кўрар, онам эса, бировга бир нарса беришни жуда ёмон кўрар эди. Мен унинг бир марта бировга бир бўлак ёғ берганидан бошқа садақа берганини кўрмаганман. Уларнинг икковлари ҳам вафот қилишгач, туш кўрсам, Қиёмат қойим бўлган эмиш-у, онам тик турганича қўлидаги бир бўлак ёғни ялар ва тинмасдан: “Чанқадим, сув беринглар”, деб зорланар эмиш, отам бўлса, ҳавзи Кавсар устида туриб, одамларга сув улашаётган эмиш. Отам ҳаётлик чоғида ҳам энг яхши кўрган садақаси одамларга сув улашиш эди. Бас, мен бир идишда сув олдим-у, онамга узатдим ва шу онда қулоғимга “Ким ўша аёлни суғорса, кўли шол бўлиб қолсин”, деган нидо келди. Уйғонсам, қўлим шол бўлиб қолибди”.
“Парвардигорингиз бирон кимсага зулм қилмас”.
Дарҳақиқат, Ҳақ таолонинг қилган ҳар бир иши Ҳикмат ва Адолатдир, У бирон кимсага заррача зулм қилмас. Мана бу оятлар ҳам ушбу жумланинг тасдиқидир: “Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз”. (Анбиё сураси, 47-оят). “Албатта, Оллоҳ бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар (заррача) яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр ато этур. (Нисо сураси, 40-оят).
Одатда банда билан банда ўртасидаги муомалада зарра вазни эътиборга олинмайди. Зотан, бунинг иложи ҳам йўқ, чунки махсус ускуна бўлмаса, унинг оғирлигини ўлчаш мумкин эмасдир. Аммо банда билан Оллоҳ таоло ўртасидаги муомалада эса ушбу ояти каримада таъкид билан айтилишича, Яратган бандасининг зарра вазнича яхши амалини ҳам ҳисобга олиб, “уни бир неча баробар қилур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур”.
Имом Бухорий ва Муслим “Саҳиҳайн”да ривоят қилган узун бир ҳадисда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Кунидан хабар беришларича, у Кунда, дўзахдан нажот топган мўминлар ўзлари-нинг дўзахга гирифтор бўлган биродарларининг ҳақларини талаб қилишиб, “Парвардигоро, улар ҳам биз билан бирга рўза тутишар, намоз ўқишар, ҳаж қилишар эди”, деб илтижолар қилишганида, уларга ўзлари тани-ган-билган кишиларни дўзахдан чиқаришга рухсат берилар экан. Дўзах мўминларнинг юзларини куйдирмагани учун улар ўзлари таниган-билган жуда кўп амал-ибодатли биродарларини айримларининг оёқлари ошиғигача, айримларни тиззасигача куйган ҳолда дўзахдан чиқаришиб, “Парвардигоро, сен буюрган кишиларни дўзахдан чиқариб бўлдик”, дейишар экан. Шунда Ҳақ таоло уларга яна қайтиб бориб дўзахдан қалбида бир танга вазнича, яъни, озгина яхшилиги бор бўлган кишиларни ҳам чиқаришга буюради ва шу тарзда улар Оллоҳнинг Амри билан қалбида зарра вазнича яхшилик бўлган кишиларни ҳам дўзахдан чиқаришади. Ушбу ҳадисни ривоят қилган Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу: “Агар сизлар мен келтирган бу ҳадисга ишонмасангиз, хоҳласаларингиз мана бу оятни ўқинглар”, деб мазкур оятни ўқийди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу ривоят қилди. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат Кунида ҳар бир банда тик турғизиб қўйилиб, барча халойиқустида бир жарчи: “Бу Фалончининг фарзанди Фалончи. Кимнинг унда ҳаққи бўлса, келиб ўз ҳаққини олсин”, деб жар солади, сўнгра унга: “Анави ҳақталабларга ўз ҳақларини бергин”, дейди. У:
“Ё Роббим, қўлимдан дунё кетган бўлса, қаердан олиб бераман”, деганда, Оллоҳтаоло малоикаларга: “Қаранглар, унингяхши амалларидан олиб ҳақ эгаларига беринглар”, деб буюради. Бас, (ҳақдорларга унинг солиҳ амалларидан берилиб), агар зарра вазничалик яхшилиги ортиб қолса, малоикалар: “Ё Парвардигор, ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққи берилди ва зарра вазнича яхшилик ортиб қолди”, дейишганида - ҳолбуки У Зот буни жуда яхши Бил-гувчидир - Оллоҳ таоло малоикаларга: “Бандам учун ўша зарра вазничалик яхшиликни кўпайтиринглар ва уни Менинг Раҳматим баракоти билан жаннатга киритинглар”, дейди. Бунинг тасдиқи ушбу оятдир: “Албатта, Оллоҳ бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар (заррача) яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур яна Ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур”.
Агар у бахтсиз банда бўлса, малоикалар: “Ё Парвардигор, Унинг яхшиликлари тугади, ёмонликларигина қолди, ҳақ эгалари эса кўп”, дейишади. У ҳолда Оллоҳ таоло айтади: “Ўша ҳақ эгаларининг ёмонлик-гуноҳларидан олинглар-да, унинг ёмонликларига қўшинглар! Сўнгра уни жиноятлари жазосига дўзахга отинглар!”
Демак, бирон яхшилик ёки ёмонлик жазосиз қолмас экан. Мана бу оят ҳам шу мазмунни тасдиқлайди: “Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!” (Залзала сураси, 7-8оят).
50. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Биз фаришталарга: «Одамга таъзим қилинг», дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг Амрига бўйинсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари), Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст тутурмисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Оллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал - ўринбосардир».
Олис мозийдан - биринчи инсоннинг яралиш тарихидан сўзлайдиган ушбу оятлар Яратган наздида одамзотнинг азиз ва мукаррам эканига очиқ-равшан далилдир. Ҳақ таоло Ўз Қўли билан Одам алайҳис-саломни Ердан - қора тупроқдан яратиб, сўнгра Ўзи унга чиройли сурат бериб, сўнгра нурдан яралган малоикаларига тупроқдан яралган Одамга сажда қилинглар, яъни, Одамнинг ашрафул-махлуқот - жамийки яралгувчиларнинг энг улуғи эканини тан олиб, унга таъзим қилинглар, деб амр қилиши билан улар дарҳол саждага йиқилганлари, фақат иблис алайҳил-лаъна Яратганнинг Буйруғига бўйинсунмай, кибр-ҳаво қилиб саждадан бош тортгани ҳақида хабар беради.
Бу сажда Оллоҳга ибодат, Одамга таъзим саждасидир. Барча фаришталар бир нафас тўхтамасдан Яратганнинг Амрига бўйинсундилар - саждага эгилдилар ва бу билан одамзот афзалул-махлуқот эканини эътироф этдилар. Фақат лаънати иблисгина бош тортди, мутакаббирлик қилди, саждага эгилмади, кофирлардан бўлди. У ўзининг асли бўлган олов Одамнинг асли бўлган тупроқдан яхшироқ эканини айтди. Ҳолбуки, Хожадан Амр бўлганидан кейин қул дарҳол у Амри Илоҳийга бўйинсуниб, саждага йиқилиши фарз эди. Аммо иблис бандалик расмини бузди - сажда қилмади, бу гуноҳи учун Яратгандан кечирим ҳам сўрамади, балки ансинча, “Мен Одамга эмас, Одам менга сажда қилиши керак, чунки мен ундан яхшироқман”, деб барча оламлар Парвардигорининг Амрига қарши тушди ва натижада ўзининг нонкўрлиги, мутакаббирлиги ва итоатсизлигига яраша жазога - Оллоҳнинг лаънатига дучор бўлди, Унинг Раҳматидан -жаннатидан маҳрум бўлди.
Оят мазмунини англаган ҳар бир ақлли инсон учун катта бир ибрат ярқ этиб кўриниб турибди: саждага - намозга чорланганида бўйинсунган - сажда қилган киши Оллоҳнинг қули, бош тортган, кибр қилган кимса эса иблиснинг қулидир.
Хўш, бу иблиснинг асли, насли-насаби ким ўзи? Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анхумо ва аксари муфассирлар: иблис ҳам асли фаришталардан эди, Оллоҳ таоло фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрганида уларнинг орасида иблис ҳам бор эди, шунинг учун ҳам фаришталарга берилган буйруқ унга ҳам тегишли эди. Агар иблис фаришталардан бўлмаса уларга берилган буйруқдан бош тортгани учун осий бўлмас эди, дейдилар.
Ибн Аббосдан қилинган яна бошқа бир ривоятда эса иблис жин қавмидан бўлган, дейилади. Ҳасан, Қатода каби муфассир уламолар ҳам мана шу кўз қарашни илгари сурадилар ва далил сифатида ушбу ояти каримани келтирадилар: “Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), фаришталарга: «Одамга таъзим қилинг», дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг Амрига бўйинсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари), Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст тутурмисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Оллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал - ўринбосардир».
Хуллас, иблис ҳар вақт иблислигини қилади - Одам ва Ҳаввони жан-натдан Ерга тушишига сабаб бўлган шайтон уларнинг авлод - зурриётларини ҳам жаннатдан маҳрум қилиш учун бор “ҳунарини” кўрсатаверади. Демак, у инсоният душманидир. Бас, душманга душманча муомала қилиш керак. Яъни, унинг сўзларига - васвасаларига ишонмаслик керак, унга эргашмаслик керак, ундан узоқ бўлиш керак.
“Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз, у, ўз ҳизбини (яъни, ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгаларидан бўлишлари учун даъват қилур”. (Фотир сураси 6-оят).
Бас, инсониятнинг энг ашаддий душмани бўлган иблис ва унинг зурриётини дўст деб билган кимсалар, ўзлари учун энг Улуғ Дўст бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат қилиш ўрнига ашаддий душманлари бўлган иблис ва унинг зурриётига сиғинганлар энг бахтсиз кимсалардир. Инсониятнинг душмани бўлган шайтонларнинг саноғи жуда кўпдир, чунки улар ҳам бошқа махлуқотлар каби болалаб, кўпайиб турадилар. “Саҳиҳайн”да Салмон розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сен бозорга биринчи бўлиб киргувчи ва ундан охирги бўлиб чиққувчи бўлмагин. Чунки шай-тонлар бозорларда тухум кўйиб, бола очадилар”. (“Тафсири Куртубий”дан).
51. Мен уларни (иблис ва унинг зурриётини) осмонлар ва Ерни яратишга ҳам, ўзларини яратишга ҳам гувоҳ қилган эмасман (яъни, улар Еру осмонлар қандай яралганини ҳам, ўзлари қандай яралганликларини ҳам мутлақо билмайдилар, буларнинг барчасини Ёлғиз Ўзим яратганман), шунингдек, Мен бу йўлдан оздиргувчиларни (Ўзимга) ёрдамчи ҳам қилиб олганим йўқ (бас, сизлар нечун уларга ибодат қилур-сизлар)?!
Ушбу ояти карима жин-шайтонлар ғайбни биладилар деб даъво қиладиган кимсаларга Илоҳий раддиядир. Ҳақ таоло осмонлар ва Ерни иблис ва унинг зурриётларини яратишидан олдин яратганини, демак, улар осмонлар ва Ернинг қандай яратилганига гувоҳ бўлмаганларини, шунинг-дек, иблис ва ундан тарқаган шайтонлардан бировлари бошқа бировларининг қандай яратилганига ҳам гувоҳ бўлмаганларини айтиб, бундай бузғунчи махлуқларни Ўзининг бирон-бир ишида ёрдамчи қилмагани ҳақида хабар беради.
Ояти карима жин-шайтонлар ҳамма нарсани билади ва керак бўлган вақтда ёрдам беради деб ишонадиган коҳин-фолбинлар ва улардан ёрдам сўрайдиган кимсалар ўша иблис ва унинг зурриётларини Оллоҳ таолога шерик деб эътиқод қиладиган мушриклар экани ҳақида огоҳлантиради ҳамда мўминларни бундай йўлдан оздиргувчи иблис ва унинг фолбин, мунажжим каби малайларидан ёрдам сўрашдан кескин тарзда қайтаради. Негаки, оятда аниқ баён қилинганидек, Оллоҳ таоло у бузғунчиларни Ўзига ёрдамчи қилиб олмади, бас, Оллоҳнинг бандалари ҳам жин-шайтонлардан ва уларнинг қуллари бўлмиш мушрик-кофирлардан ёрдам кутмасликлари фарздир. Акс ҳолда ўша иблис ва унинг зурриётларига сиғинадиган мушриклар қаторига кириб қолишлари мумкиндир.
52. У Кунда (Қиёмат қойим бўлганида, Оллоҳ ҳаёти дунёда ширк келтирган кимсаларга) айтур: «Сизлар Менинг шерикларим деб ўйлаган (бутларингизни) чақирингиз»! Бас, (мушриклар) уларни чақирдилар, (аммо) улар жавоб қилмадилар. (Чунки) Биз уларнинг ўрталарида ҳалокат чоҳини (дўзахни) пайдо қилиб қўйган эдик.
Яъни, Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло дунёдаги ҳаётларини бут-санамларга, жин-шайтонларга сиғиниб ўтказган барча мушрик-кофир кимсаларни мангу дўзах азобига ҳукм қилар экан, жамийки халойиқ гувоҳ бўлган ҳоли-да уларга: “Мана сизлар мушрик бўлганингиз учун дўзахга хукм қилиндингизлар. Энди ўша ўзларингизга Менинг шерикларим деб ҳисоблаганингиз бут-санамларингизни ва жин-шайтонларингизни чақиринглар, келиб сизларни дўзахга киришдан сақлаб қолсинларчи, дейди. Албатта ўша онда мушриклар жон-жаҳдлари билан ўзлари Оллоҳга шерик қилиб олган жонли-ю жонсиз бутларини зора шафоат қилсалар, бизларни кўллаб дўзах азобидан қутқариб қолсалар деб чақира бошлайдилар. Лекин ҳар қанча дод вой солиб чақирмасинлар, ишонган бут-санамларидан биронтаси уларга ёрдамга келмайдилар. Чунки Ҳақ субҳонаҳу ва таоло У Кунда мушриклар билан улар сиғинган бутлар ўртасида ҳеч ўтиб бўлмайдиган тўсиқ - ҳалокат чоҳини пайдо қилиб қўяди. Қиёмат Кунида мушриклар ва улар сиғинадиган бутлар қандай аҳволга тушишлари ҳақида мана бу оятларда янада аниқроқ айтилади: “У Кунда (Қиёматда) Биз уларнинг (яъни, инсонларнинг) ҳаммаларини тўплаймиз, сўнгра мушрик бўлган кимсаларга: «Сизлар ҳам, (Оллоҳга) шерик (қилиб олган) бутларингиз ҳам жойингиздан жилмангиз!», деб уларнинг ўрталарини ажратурмиз (яъни, мушриклар дунёда доим бирга бўлиб, сиғиниб юрган бутларидан ажралиб қолурлар) ва бутлари (уларга): «Сизлар бизга ибодат қилганингиз йўқ (яъни, биз - бутлар жонсиз нарсалар бўлганимиз учун сизларнинг бизга сиғинганларингизни билганимиз йўқ). Бас, ОллоҳнингЎзи биз билан сизнингўртамизда етарли Гувоҳдир. Албатта биз сизларнинг ибодатингиздан ғофил - бехабар эдик», дейдилар”. (Юнус сураси, 28-29-оятлар).
Шундай қилиб, “Мана шу (бут-санамларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўладилар”, (Юнус сураси, 18-оят) деб юрган мушриклар Қиёмат Кунида ўзларининг “қўлловчилари”дан ажралиб қоладилар.
Дарҳақиқат, эшитмайдиган, кўрмайдиган жонсиз бутлар мушрикларга: “Сизлар бизга сиғинсангизлар, биз Оллоҳ ҳузурида сизларни шафоат қиламиз”, дея олмасликлари, Оллоҳ таолога ширк келтиришни мушрикларга фақат ҳавойи нафслари буюргани аникдир. Бас, у бутлар бутпарастларнинг чўқиниб-сиғинганларидан ғофил - бехабар эканликлари ҳам аёндир.
53. Жинояткор кимсалар дўзахни кўрдилар-у, ўзларининг унга тушувчи эканликларини билдилар, (аммо) ундан қочарга жой топмадилар.
Яъни, мушрик-кофир кимсалар Қиёмат Кунида ўзлари ҳукм қилинган дўзахни кўришлари биланоқ, энди ҳеч қаёққа қочиб қутула олмасликларини жуда яхши англайдилар, чунки у вақтда дўзах уларни ҳамма томонларидан ўраб олган бўлади. Лекин бу ҳали улар дўзах ёқасига келиб қолдилар дегани эмасдир. Чунки Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, кофир кимса жаханнамни аниқ кўриб, ўзини унга тушишлиги муҳаққақ эканини билган вақтида ҳали ўртада қирқ йиллик масофа бўлади”, деганлар. Ана шундоқ, дунё ҳисобида ўта олис бўлган масофадан дўзах ҳам кофирларни кўради: “(Дўзах) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг хайқириқ ва бўкиригини эшитурлар”. (Фуркрн сураси, 12-оят).
Дунё пайдо бўлганидан бошлаб то Қиёмат қойим бўлгунига қадар яшаб ўтган кофирларнинг барчасини ўз ичига сиғдирадиган ва “яна кўшимча борми?” деб турадиган дўзах нақадар буюк ва теран жарлик эканини тасаввур қилсак, ушбу оят ва ҳадислар мазмунини яхшироқ англаймиз. “У Кунда Биз жаҳаннамга: “Тўлиб битдингми?” дермиз, у эса: “Яна қўшимча борми?”дер”. (Қоф сураси, 30-оят).
54. Аниқки, Биз ушбу Куръонда инсонлар учун барча мисол-ибратлардан қайта-қайта баён қилдик. Дарҳақиқат, инсон жуда кўп жанжал-баҳс қилгувчи бўлди.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Китобини шарафлаб Қуръони Ка-римда инсонлар учун - улар дунё ва Охиратда бахтли ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган барча мисол, ибрат ва ҳикматларни қайта-қайта баён қилиб берганини, баён қилганда ҳам улар осон қабул қилишлари учун ҳар бир ҳукмни, буйруқни, қайтариқни, олис-яқин ўтмиш хабарларини, келажақда дунё ва Охиратда бўладиган воқеа-ҳодисаларни, жаннат ва дўзах аҳволини бениҳоя фасоҳат ва балоғат билан, худди бир гўзал масал янглиғ киши ёдидан чиқмайдиган суратда баён қилиб берганини, аммо инсонларнинг аксари қисми ушбу Китобдаги ўзлари ўта муҳтож бўлган Сўзни қабул қилмасдан - Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканлигига иймон келтирмасдан фақат куфрни танлаганларини, яъни, аниқ-равшан Ҳақиқатни ҳеч ўйламасдан, ақл юргизмасдан инкор этганларини айтади ва “Дарҳақи-қат, инсон жуда кўп жанжал-бахс қилгувчи бўлди”, дейди.
Ҳадиси шарифда ҳам: “Қай бир қавм Тўғри Йўлни топганларидан кейин залолат йўлини танласа, албатта уларга жанжал-баҳс қилиш одат бўлиб қолади”, дейилган. (Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар ривоят килганлар).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат Кунида кофирлардан бўлган бир кимса келтирилганида Оллоҳ таоло ундан: “Мен сенга юборган динга қандай амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Роббим, мен Сенга иймон келтирдим, элчиларингга ишондим, Китобингга амал қилдим”, дейди. Шунда Оллоҳтаоло унга: “Сенинг қилган амалларинг ёзилган мана бу саҳифада сен айтган гаплардан биронтаси йўқку”, деганида, у: “Ё Роббим, мен бу саҳифалардаги нарсаларни тан олмайман”, дейди. Унга: “Мана бу сенинг амалларингни ёзиб-ёдлаб олган фаришталар ҳам сенга қарши гувоҳлик бермоқдалар”, дейилади. У: “Ё Роббим, мен уларни ҳам тан олмайман. Улар менинг ҳузуримда менинг томонимдан кўйилмаган бўлсалар, қандай қилиб уларнинг сўзларини қабул қиламан?” дейди. Бас, Оллоҳ таоло айтади: “Мана бу Лавҳул-Маҳфуз - барча китобларнинг онаси ҳам сенинг саҳифангда ёзилган нарсаларнинг ҳақ эканлигига гувоҳлик бермоқда”. Шунда у: “Ё Роббим, Ўзинг менга зулмдан паноҳ беришингни айтмаганмисан?” деганида, Оллоҳтаоло: “Ҳа (Мен ҳеч кимга зулм қилмасман) деб жавоб бергач, у: “Ё Роббим, мен фақат ўз нафсимдан менга қарши гувоҳлик бергувчининг сўзини қабул қиламан”, дейди. Бас, Оллоҳ таоло: “Шу онда сенга ўз нафсингдан бўлган гувоҳни юборурмиз”, дейди-да, унинг оғзини муҳрлаб қўяди, сўнгра баданидаги аъзолари унинг мушрик бўлганини сўзлайдилар, сўнгра у ўзи ўзи билан холи қолдирилиб, ўзи ўзини қарғаганича дўзахга киради. У аъзоларига: “Оллоҳнинг лаънатига дучор бўлгурлар, мен сенларни ҳимоя қилиб баҳслашаётган эдимку”, деса, аъзолари: “Сенга Оллоҳнинг лаънати бўлсин, ахир Сен Оллоҳ таолодан бирон сўзни яширишнинг иложи йўқлигини билмайсанми? Оллоҳ таолонинг: “Дарҳақиқат, инсон жуда кўп жанжал-баҳс қилгувчи бўлди”, дегани мана шуда”, дейдилар. (Муслим, Абу Яъло ва Ибн Ҳуббон ривоят қилганлар).
“Бу Кун Биз уларнинг огизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур”. (Ёсин сураси, 65-оят).
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Бир кеча Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Алий ва Фотима ризияллоҳу анҳумонинг эшикларини қоқиб: “Намоз ўқимаяпсизларми?” дедилар. Алий айтади: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, жонларимиз Оллоҳнинг Қўлида, қачон бизни турғазишни хоҳласа, Ўзи турғазиб қўяди”, дедим. Бас, мендан бу сўзни эшитгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам менга ҳеч қандай жавоб қайтармасдан бурилиб кетар эканлар, сонларига урганларича: “Дарҳақиқат, инсон жуда кўп жанжал-баҳс қилгувчи бўлди”, деганларини эшитдим”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилгаюшр).
55. Одамларга Ҳидоят келган пайтида, иймон келтиришларидан ва Парвардигорларидан мағфират сўрашларидан тўсган нарса фақат уларга ҳам ўтганларнинг суннати - ҳалокатлари келиши ёки очиқ азоб келиши(ни кутишлари)гина бўлди (яъни, улар аввалги кофир кимсаларга тушган ҳалокатга ё азобга лойиқ эканликларигина уларни мўмин бўлишдан манъ қилди).
Яъни, Макка мушрикларга Ҳидоят - Қуръон, Ислом ва Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом келган вақтида уларни Оллоҳ таолога иймон келтиришдан ва Парвардигорларидан мағфират сўрашдан тўсадиган бирон нарса йўқ эди, магар бўлса, у нарса мушрикларнинг аввалги умматлар бошларига тушган ҳалокатлар ва азоблар уларнинг ҳам бошларига тушишини кутаётганлари эди. Шунинг учун ҳам улар Оллоҳ таолонинг буюк Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига нозил бўлган Қуръон оятларини етказганларида дарҳол қабул қилиб у зотга эргашиш ўрнига “Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин”, дедилар. (Анфол сураси, 32-оят).
Мана бу оятларда ҳам Оллоҳ таоло Ҳидоят ўрнига азоб сўрагувчи яна бир кимса ҳақида хабар берди: “Бир сўрагувчи кимса (осмонларнинг барча) поғоналари - қаватлари Соҳиби бўлмиш Оллоҳ томонидан кофирларга тушгувчи, биров қайтара олмайдиган азобни (ўз устига тушишини) сўради”. (Маориж сураси, 1-3-оятлар).
Бу оятлар мушриклардан Назр ибн Ҳорис ҳақида нозил бўлган. Пайғамбар алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг кофирлар учун тайёрлаб қўйилган азоби бор эканлигини билдириб, уларни огоҳлантирганларида Назр туриб: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин», дейди. Мана шу тилакнинг ўзидан Назр ва у кабиларнинг ким эканликлари маълумдир. Чунки улар Ҳақ Йўлга юришни истаган кишилар бўлганларида: «Эй Худо, агар мана шу Қуръон Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, бизларни ҳам унинг йўлига ҳидоят қилгин», деган бўлур эдилар.
56. Биз элчиларни фақат (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолларидагина юборурмиз. Кофир бўлган кимсалар эса ўзларининг ботил (сўзлари) билан талашиб-тортишиб, унинг ёрдамида Ҳақни рад этмоқчи бўлурлар. Улар Менинг оятларимни ва ўзлари огоҳлантирилган нарсани (яъни, Охират азобини) масхара қилиб олдилар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзи юборган элчиларнинг вазифалари нимадан иборат эканини аниқ баён қилади. Яъни, пайғамбарлар ўзларига нозил бўлган ваҳийни умматларига етказиб, мўминларга жаннат ва у жойдаги сонсиз неъматлар хушхабарини берадилар, кофирларни эса дўзах азобидан огоҳлантирадилар, холос. Уларнинг зиммаларидаги вазифа фақат мана шундан иборат. Пайғамбарларга одамлар улардан талаб қилган турли мўъжизаларни кўрсатиш буюрилган эмас, улар фақат ўзларининг ҳақ пайғамбар эканликларини, етказаётган сўзлари Оллоҳ таолонинг Каломи эканини исботлашга кифоя қиладиган даражада ўзларига Ҳақ таоло тарафидан ато этилган мўъжизаларни кўрсатадилар.
Албатта, мўминлар Оллоҳнинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам етказган Илоҳий ваҳийга сидқидилдан иймон келтириб, у зотга итоат қиладилар. Аммо кофир кимсалар эса, иймон келтириш ўрнига “Оллоҳ (фаришталарни эмас), одамзотни элчи қилиб юборибдими?! (Ал-Исро сураси 94-оят) ёки “Бу Куръон икки қишлоқнинг биридан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди” (Зухруф сураси, 31-оят) каби ботил-беҳуда сўзлари билан Ҳақиқатни енгмоқчи бўладилар. Кейинги оятда зикр қилинган “икки қишлоқ”дан мурод, Макка ва Тоиф шаҳарларидир. Мушриклар назарида Макканинг улуғи ўша жойлик боёнлардан Валид ибн-ал-Муғийра бўлса, Тоифнинг улуғи Урва ибн Масъуд ас-Сақафий номли бир бой эди. У мушриклар ҳам барча замонлардаги дунёга қул бўлган кимсалар каби улуғликни мол-давлат ва салтанат билан ўлчар эдилар. Шунинг учун улар: «Агар бу Қуръон ҳақ китоб бўлганида Муҳаммадга ўхшаган бир етим ва камбағалга эмас, балки Валид ва Урва каби улуғ зотларга тушган бўлар эди», дедилар.
“Улар Менинг оятларимни ва ўзлари огоҳлантирилган нарсани (яъни, Охират озобини) масхара қилиб олдилар”.
Яъни, мушриклар Оллоҳ таолонинг оятларини Каломуллоҳ эканлигига иймон келтириш ва у оятлардаги кўрсатмаларга амал қилиш ўрнига, кофирлар учун Охират озоби борлиги ҳақидаги огоҳлантиришлардан қўрқиш ва ўзларини ўнглаш, тавба қилиш ўрнига уларни масхара қилиб устидан кулдиларки, кофирларнинг бу қилмишлари уларнинг нақадар жоҳил ва қаттиқдил махлуқлар эканига яна бир равшан далилдир.
57. Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилинганидан сўнг, у (оят)лардан юз ўгирган ва ўзининг қўллари қилган (гуноҳ) ларини унутиб қўйган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Дарҳақиқат, Биз уларнинг қалбларида (Қуръонни) англашдан тўсадиган пардалар қилиб, қулоқларини эса оғир қилиб қўйдик. Бас, агар Сиз уларни (ҳар қанча) Ҳидоят - Ҳақ Йўлга чақирсангиз ҳам, улар ҳеч қачон у Тўғри Йўлга юрмаслар.
Ояти карима ҳамма замонлардаги Қуръони Азимни эшитиб туриб “эшита олмайдиган”, унинг маъноларини англай билмайдиган, борлиқдаги Оллоҳтаолонинг Бир ва Борлигига, мислсиз Қудратига далолат қила-диган оятлар-аломатларни ўз кўзлари билан кўриб туриб “кўра олмайдиган” кимсалар ҳақидадир. Ҳақ таоло уларнинг дарди жуда оғир эканини - қалблари ҳар тарафдан тўсиқ-девор билан тўсилиб, ҳеч нарсадан таъсирланмайдиган, ҳақиқатни тан олмайдиган бўлиб қолганини, бекорчи-беҳуда сўзларни жуда яхши эшитадиган қулоқлари Оллоҳнинг Каломи тиловат қилинганида том битиб “эшитмай” қолишларини айтади.
Демак, оят Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканликларига иймон келтирмайдиган кофирлар ҳақида нозил бўлди.
Аммо фақат улар ҳақида эмас, балки мусулмонлар орасидаги Қуръон оятларини эшитиб - билиб туриб уларга амал қилмайдиган, эшитганларидан фойдаланмайдиган, Ҳақ Сўзга итоат қилмайдиган кимсалар ҳам қалбларида тўсиқ, қулоқларида “оғирлик” бор кимсалар қаторида эканликлари ҳақидадир.
Анъом сурасида келган айни мазмундаги оят тафсирида Калбий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб айтади: “Бир тўда Қурайш катталари Қуръонни эшитар эканлар, ораларидаги Назр Абу Қутайла деган кимсадан: “Эй Абу Қутайла, бу Муҳаммад нималар деяпти ўзи?”, дедилар. У: “Нима деяётганини билмайман-у, аммо у лабларини қимирлатиб, худди мен сизларга ўтган замонлардан сўзлаб берадиган нарсаларга ўхшаган аввалгилардан қолган афсоналарни айтиб беряпти”, деди. Назрнинг ўзи ўтган замонларнинг хабарларидан кўп сўзлар эди. Унинг сўзларини эшитган Абу Суфён: “Мен Муҳаммаднинг айтган айрим сўзларини ҳақ деб биламан”, деган эди, Абу Жаҳл: “Ундан (яъни, Қуръондан) бирон нарсани тўғри демагин. Биз бундан кўра ўлганимиз осонроқ”, деди. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлди”. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
Ҳақ таоло Унинг оятларини кўриб билиб туриб, улардан ибрат олмайдиган, яхшилик Йўли бўлмиш Дини Исломдан хабардор бўлиб туриб, у Йўлдан юз ўгирадиган, куфрнинг ёмонлик чоҳи эканлигини тушуниб туриб, яна ўша куфр йўлига эргашиб кетадиганлар золим деб номланишга энг лойиқ бўлган кимсалар эканлиги ҳақида огоҳлантиради.
“Бас, агар Сиз уларни Ҳидоят - Ҳақ Йўлга чақирсангиз ҳам, улар ҳеч қачон у Тўғри Йўлга юрмаслар”.
Ушбу жумла иймон келтирмасликлари Оллоҳ таолога маълум бўлган қавмлар ҳақида бўлиб, гўё бир муқаддар - кўнгилдаги саволга жавобдир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам барча одамлар, хусусан ҳамша-ҳарлари бўлган Макка аҳлининг барчаси иймон келтиришларига жуда ҳарис бўлганлари учун гўё “Нега мен ўша қалбларида парда, қулоқларида карлик бўлган кимсаларни ҳам тинмасдан Ҳидоятга чақиравермаслигим керак?” деб сўраганлар-у, Оллоҳтаоло “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз у золимларни ҳар қанча даъват қилганингизда ҳам улар асло Тўғри Йўлга юрмаслар”, деб Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳақиқатни айтгандек. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсиридан).
58. Парвардигорингиз Мағфиратли, Марҳамат Соҳибидир. Агар У Зот (одамларни) қилган (гуноҳ)лари билан ушлаганида, албатта уларга азобни нақд қилган бўлур эди. Йўқ, улар учун бир ваъда қилинган вақт (Қиёмат) борки, (у вақтда Оллоҳ даргоҳидан) ўзга бирон паноҳ топа олмаслар.
Яъни, Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Парвардигорингиз ўта Кечиргув-чи, бандаларига бениҳоя Марҳаматли Зотдир. Шунинг учун инсонлар қанчадан-қанча гуноҳ-маъсиятлар қилсалар-да, ҳатто улардан кўплари Тўғри Йўлдан юз ўгириб, куфр ва залолат йўлларида адашиб-улоқиб кетсалар-да, уларнинг қилган жиноятларига дарҳол жазо бермайди. Акс ҳолда, агар фаразан Оллоҳ таоло одамларни қилган гуноҳ-маъсиятлари устида ушлаб, дарҳол жазолаганида эди, албатта, уларга азобни мана шу дунёнинг ўзида нақд қилиб қўйган бўлар эди ва барча инсонлар қилмиш-хатолари сабабли қирилиб, Ер юзида бирон кимса қолмаган бўлар эди. Лекин Яратганнинг Иродаси бошқача бўлди ва У Зот ҳаёти дунёда инсонлар тарафидан қилинган яхши-ю ёмон барча амалларнинг мукофот ва жазола-рини бериш учун Охират диёрида бир улуғ ваъдагоҳни - Қиёмат Кунини белгилаб қўйдики, бирон кимса у ваъда қилинган жойдан четлаб ўтиб кета олмас. Демак, гуноҳ ва жиноят қилган кимсаларга бериладиган жазо ва азобнинг таъхир қилиниши асло жиноятлар жазосиз қолади дегани эмас, балки бу Кечиргувчи ва Марҳамат Соҳиби бўлмиш Оллоҳ таоло томонидан бандаларга тавба қилиб, хатоларини ўнглашлари учун берилган муҳлатдир. Бу мазмундаги оятлар бошқа сураларда ҳам келган: “Агар Оллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан жазоласа эди, (Ер) устида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин У Зот уларни (жазолашни) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача) қолдирур. Бас, қачон ўша муддатлари келгач, (уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг мукофот-жазоларини берур). Зеро, Оллоҳ бандаларини Кўриб тургувчи бўлган Зотдир”. (Фотир сураси, 45-оят). “Албатта Парвардигорингиз одамлар ўзларига зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам мағфират Эгасидир. Албатта Парвардигорингиз азоби қаттиқ Зотдир”. (Раъд сураси, 6-оят).
Бу оят - Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-саломни масхаралаб: «Агар ҳақ пайғамбар бўлсанг, Тангрингга бир дуо қил, бизга азоб юборсин» деганларида нозил бўлгандир. Унда одамлар ҳар қанча зулму ноҳақликка берилсалар ҳам, Парвардигор уларни мағфират қилиб, яъни, азобга гирифтор қилмай туриши мумкинлиги, лекин азоблаганида азоби қаттиқ бўлиши ҳақида ва бу мушрикларга ўхшаганлар илгари ҳам ўтганлиги ва қилмишларига яраша жазо олганлиги тўғрисида баён қилинади.
59. Ана у қишлоқ-шаҳарларни (уларнинг аҳолисини), улар зулм қилишгач, ҳалокат вақтларини аниқ белгилаб (яъни, пайғамбарларингизга итоат қилмасангизлар, ҳалок бўлурсизлар, деб огохдантирганимиздан кейингина) ҳалок қилдик.
Ушбу оятнинг энг яхши тафсири мана бу ояти каримадир: Парварди-горингиз (аҳли-эгалари) золим (бўлган) шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши - азоби аламли ва қаттиқдир. (Худ сураси, 102-оят).
Ҳақ таоло ушбу оятида юқорида ўтган оятларда зикр қилинган воқеа-ҳодисалар, золим-кофир қавмларнинг қирилиб кетганлари улар яшаган қишлоқ-шаҳарларнинг айримлари култепаларга, харобаларга айлантирилгани ва айримлари бутунлай йўқ қилиб юборилгани - буларнинг ҳаммаси одамзотнингузун тарихи давомида Яратганнинг Ҳақ Йўлига юрмасдан зулм-куфр йўлини тутганлари сабабли Унинг Қаҳрига учраган бахтсиз кимсаларнинг фожиали тарихи эканини эслатиб, бундан кейин ҳам қай бир қишлоқ-шаҳар аҳли мазкур қавмлар каби Ҳақ Йўлдан юз ўгириб, золимлик-динсизликда оёқ тираб туриб оладиган бўлсалар, уларнинг бошларига ҳам худди ўша аввал ўтган золим қавмларнинг куни тушиб ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканини айтиб огоҳлантиради.
Уламолар ояти каримадаги “золим шаҳарлар” иборасини тафсир қилиб: “Аслида ўша шаҳарларда яшаган одамлар золим бўлсалар-да, золимлик нисбати шаҳарларга берилиши билан қай бир қишлоқ-шаҳарда золим-иймонсиз одамлар яшасалар, уларнинг касофатидан бутун шаҳар золим ҳисобланиб, унинг устига Оллоҳ таолонинг турли балолари ёғилишига ишора қилинмоқда”, дейдилар.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оят тафсирида: “Албатта Оллоҳ таоло золим кимсага ҳам умр-муҳлат бериб қўйиб имтиҳон қилади. Аммо қачонки уни ушлаганида, у Оллоҳнинг қаҳридан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмай ҳалок бўлади”, дедилар ва ўқидилар: “Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлагани-да, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши - азоби аламли ва қаттиқдир.” (Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).
60. Мусо (ўзининг хизматкор) йигитига: «То икки денгиз қўшиладиган жойга етмагунимча ёки узоқ замонлар кезмагунимча (юришдан) тўхтамайман», деган пайтини эслангиз.
Ушбу ояти каримадан бошлаб сурадаги яна бир ибратли қисса, Оллоҳ таолонинг элчиларидан ва солиҳ бандаларидан бўлган Мусо ва Хизр алайҳимас-салом ҳақларидаги қисса бошланади.
“Саҳиҳайн”да (Имом Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ ҳадис тўпламла-рида) ушбу оятлар тафсирида Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Мусо алайҳис-салом бани Исроил қавмига хутба қилиб турган чогида ундан: “Инсонлар орасида энг билимдони ким?” деб сўралган эди, Мусо: “Мен”, деб юборди. Шу онда Оллоҳ таоло унга дашном берди. Чунки у “Оллоҳ Билгувчироқ”, дейиш ўрнига ўзини энг билимдон инсон деб юборган эди. Бас, Оллоҳ таоло унга ваҳий юбориб: “Икки денгиз қўшиладиган жойда Менинг бир бандам бор, у сендан ҳам билимдонроқдир”, деди. Мусо: “Ё Роббим, у зотни қандоқ излаб топурман?” деган эди, Оллоҳ таоло айтди: “Бир балиқни (тузлаб) саватга солиб олиб йўлга тушарсан. Қаерда уни йўқотиб кўйсанг, у бандамни ўша жойдан топурсан”. (Ҳадис матни Бухорийники). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса, бундай ҳикоя қилади: “Қачонки Мусо ва унинг қавми Миср ерини эгаллаб, у юртда уй-жой қилиб ўрнашиб олишгач, Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга бани Исроил қавмига Оллоҳ ато этган неъматларни эслатиб қўйишни буюрди. Бас, у қавмига хутба қилиб, Оллоҳ таоло уларни Фиръавн одамларининг зулмидан халос қилгани, у золимларни эса ҳалок қилиб юборгани ва бани Исроилни Миср ерига эга қилиб қўйгани ҳақида сўзлади, сўнгра: “Оллоҳ таоло сизларнинг пайғамбарингизга, (яъни, менга) бевосита сўзлади, уни Ўз (суҳбати) учун танлади ва устимга Ўз муҳаббатини ташлади, сизларга эса, барча сўраган нарсаларингизни ато этиб, Ер аҳлининг энг афзали қилиб қўйди, хор бўлганингиздан кейин Ўзи азиз қилди, фақирликдан кейин Ўзи бой-бадавлат қилди, билимсиз-нодон эдингизлар, Ўзи сизларга Тавротни нозил қилди”, деди. Шунда бани Ироил қавмидан бўлган бир киши: “Эй Оллоҳнинг пайғамбари, биз сен айтаётган сўзларни тушундик, энди айтгинчи, Ер юзида сендан ҳам билимдонроқ киши борми?” деган эди, Мусо: “Йўқ”, деб юборди. Бас, Оллоҳ таоло “Оллоҳ Билгувчироқ”, демагани сабабли унга дашном бериб Жаброил алайҳис-салом орқали шундай ваҳий юборди: “Эй Мусо, Мен Ўз Илмимни қаерга кўйишимни (яъни, қайси бандамга қанча илм ато этишимни) сен қаердан билурсан?! Йўқ! Сен Менинг энг билимдон бандам эмасдирсан. Аниқки, икки денгиз қўшилган жойда Менинг бир бандам бор, у сендан ҳам билимдонроқдир”.
Ҳақ таолонинг бу Сўзини эшитган Мусо алайҳис-салом ўрганаётганимиз ояти каримада хабар берилганидек, ўзининг хизматидаги йигити ва онасининг ўғли бўлмиш Ювшаъ ибн Нунга (Ювшаъ алайҳис-салом ота томонидан Юсуф алайҳис-саломнинг авлодларидан бўлиб, Мусо алайҳис-саломдан таълим олар ва гарчи ўзи хур - озод инсон, айрим ривоятларга қараганда Оллоҳнинг пайғамбарларидан бўлса ҳам, устозига худди унинг қули янглиғ хизмат қилар эди) то Оллоҳ таолонинг ўша улуғ бандаси турган икки денгиз қўшиладиган жойга етиб бормагунларича орадан қанча замон ўтмасин, юришдан тўхтамасликларини эълон қилди. Ояти каримадаги биз узоқ замонлар деб таржима қилган “ҳуқубан” калимасининг луғавий маъноси, “Тафсири Бағавий”да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, саксон йиллик муддатдир.
Ушбу бениҳоя ибратли воқеа - Мусо алайҳис-саломнинг Ер юзининг қаеридадир ўзидан кўра олимроқ инсон борлигидан хабардор бўлиши биланоқ билмаган нарсаларини ўрганиш учун ўша олимнинг хузурига бориш ниятида йўлга отланиши бизга - ҳеч нарсани билмаса ҳам ёки ўрганган илмлари ўта арзимас даражада оз бўлса ҳам хотиржам, гўё ҳамма нарсани биладигандек юраверадиган кейингиларга салафи солиҳларимизнинг илм йўлида нақадар олийҳиммат ва фидойижон бўлганларини кўрсатиб турадиган тарихий мисоллардан биридир. Ўтмишда, Ислом оламининг буюк алломалари ушбу ибратли оятлардан руҳланиб, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Гарчи Хитойдан бўлса ҳам илм изланглар”, деган ҳикматларига амал қилиб, барча илмларда мислсиз теран илдиз отдилар, бениҳоя буюк мевали дарахтларга айландилар ва Илм деган буюк тоғнинг энг юксак чўққиларини эгаллаб, Ер юзидаги барча инсонларга то Қиёматгача таълим берадиган устозларга айланиб қолдилар. Бухорий айтади: “Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бир ҳадисни ўрганиш учун Абдуллоҳ ибн Анийс розияллоҳу анҳу ҳузурига, бир ойлик масофага сафар қилди”. (“Тафсири Куртубий”дан).
61. Энди қачонки, у иккиси (икки денгиз) қўшиладиган ерга етишгач, балиқларини унутдилар. Бас, у (балиққа жон кириб), денгизга қараб йўл олди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Мусо алайҳис-салом хизматкор йигити билан бир саватга нон ва тузланган балиқни солиб олганларича йўлга тушиб, тун қоронғусида икки денгиз қўшилган жойдаги қоя тош олдига етиб бордилар ва ниҳоят даражада чарчаганларидан са-ватдаги балиқ ҳам ёдларидан кўтарилиб, ухлаб қолдилар. У қоя остида “ҳаёт суви” деб аталадиган бир булоқ бўлиб, у сув теккан нарсага жон кириб кетар эди. Қачонки ўша булоқ ёнига кўйилган саватдаги балиққа сувнинг зарралари сачраб хўл қилганида унга жон кириб, булоққа сакрадида, уни тўсиб турган тошда бир қувур каби очилиб қолган тешиқцан ўтиб, денгизга тушиб кетди”.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мусо алайҳис-салом ушбу сафарга чиқишлари олдидан хизматкор йигитга: “Мен сени қийнамоқчи эмасман. Фақат, қаерда саватдаги балиқни йўқотсанг, менга хабар бериб қўйсанг бас”, деганида, у: “Қийин иш эмас экан”, деган эди. Лекин ўша қийин бўлмаган иш хизматкорнинг ёдидан кўтарилди ва эрталаб тунаб қолган жойларидан туриб, йўлларида давом этдилар.
62. Бас, қачонки (у жойдан) ўтиб кетишгач, (Мусо) йигитига: «Нонуштамизни (яъни, саватдаги балиқни) келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик», деган эди;
Яъни, қачонки Мусо хизматкор йигит билан икки денгиз қўшилган жойда тунаганларидан сўнг эрталаб йўлларида давом этиб, яна бир кеча-кундуз йўл юришгач, эрталаб Мусо йигитга: “Нонуштамизни келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик, деди. Уларнинг нонушталари ўша саватга солиб олганлари - нон ва балиқ эди”.
Ушбу ояти каримадан сафар-саёҳатларга чиқмоқчи бўлган кишилар албатта ўзлари билан йўл озуқаларини олишлари лозимлиги маълум бўлади. Шунинг учун Мусо алайҳис-саломдек Оллоҳ таолонинг улуғ элчиси ҳам сафар олдида озиқ-овқатини таъминлаб олишга буюрилди. Ҳатто ҳаж сафарига отланган кишиларга ҳам Оллоҳ таоло аввал йўл озуқаларини ғамлаб олишни амр этди: Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинглар! Албатта энг яхши озуқа (яъни, ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) тақводир - Оллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!
Яъни, ҳажга бориб, сўнг яна ватанларингизга қайтиб етиб келгунингизча бемалол етарли бўладиган, сафар давомида бошқаларга муҳтож бўлмайдиган миқдордаги маблағга эга бўлганингиздан кейингина сафарга чиқинглар. Сафар давомида бировларга юк бўлишдан, тиланчилик қилишдан сақланиш энг яхши ишдир.
Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган хабарда айтилишича, ушбу сўзлар айрим яманлик кишилар ҳақида нозил бўлган. Улар ўзлари билан ҳеч қандай маблағ ёки озуқа олмай ҳажга чиқишар ва: “Биз Оллоҳга таваккал қилгувчилармиз. Биз Оллоҳнинг Уйига ҳаж қилиб борсаг-у, У Зот бизга таом бермайдими?”, дейишар эди. Маккага келгач эса тиланчилик қилиб юришар, ҳатто айрим ҳолларда бировларнинг нарсала-рига кўз олайтиришар эдилар. Оллоҳ таоло бундай ишлар дуруст эмаслигини айтиб, бировларнинг маблағи билан қилган ҳаж қабул бўлмаслигини билдирди. Дарвоқеъ, бу иш, агар таъбир жоиз бўлса, худди бировнинг таҳорати билан намоз ўқишга ўхшайди. Йўлга қодир бўлган инсонларгагина фарз бўлган ҳажга бекорга бориб келиш бекорга кетиши аниқдир.
Мусо алайҳис-саломнинг икки денгиз кўшилган жойдан ўтиб кетганларидан кейин бирдан чарчаб, очқаганларини сезиб қолгани ҳам, албатта, беҳикмат эмас эди - Ҳақ таоло ваъда қилинган жойни унутиб ўтиб кетган бандаларини ортга қайтаришни ирода қилган эди.
63. (Хизматкор): «Буни кўринг, мен (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда, балиқ (тирилиб саватдан тушиб кетганини айтишни) унутибман. (Бу воқеани сизга) эслатишни фақат шайтон ёдимдан чиқариб юборди. (Балиқ) бўлса, денгизга (сездирмаган йўсинда) йўл олди-я, ажабо,» деди.
Яъни, хизматкор йигит Ювшаъ ибн Нун қачонки Мусо алайҳис-салом ундан нонушта қилишлари учун саватдаги балиқни келтиришни сўраганидагина бундан бир кеча-кундуз муқаддам бўлиб ўтган жуда ҳайратланарли воқеани эслади ва Мусо алайҳис-салом сафар олдида унга тайинлаган биргина ишни ҳам уддалай олмагани учун узр сўради. Ўшанда Мусо унга: “саватингдаги балиқни йўқотиб қўйсанг, ўша онда менга хабар берасан”, деган эди. У эса, кўз ўнгида содир бўлган ғаройиб ҳодисадан - саватдаги тузлаб пиширилган ва бир қисми йўл давомида ейилган балиқ улар ётган қоя остидан отилиб чиқаётган булоқнинг сачраган зарралари тегиши билан қайта тирилиб, типирчилаб ўзи ётган саватни ҳам ағдариб денгизга тушиб кетганидан ажабланганича қолаверган, бу воқеани Мусо алайҳис-саломга айтиб бериш эса тамоман ёдидан кўтарилган эди. Мана энди, орадан бир кеча-кундуз ўтиб, улар воқеа бўлган жойдан анча узоқлашиб кетганларидан кейингина эслаб, буни сизга айтиб беришни фақат шайтон ёдимдан чиқарди, деб ўз-ўзини ёзғирар экан.
64. (Мусо) деди: «Мана шу биз истаган нарсадир». Сўнг уни (Хизр алайҳис-саломни) излаб изларига қайтдилар.
Яъни, Мусо алайҳис-салом унга: “Биз истаган - кутган нарса худди мана шу балиқнинг йўқолиб қолиши эди. Биз излаб келаётган киши ана ўша балиқ йўқолган жойдадир”, дедида, келган изларини йўқотиб қўймаслик учун изма-из юриб, ортларига қайтдилар. Бақоий айтади: “Ер босилган из кўп ўтмай кўмилиб қоладиган кумлоқ эди, атрофда белгилаб қўядиган бирон аломат ҳам йўқ эди. Шунинг учун Мусо алайҳис-салом ва хизматкори не машаққатлар билан ўша қоя тош олдига етиб бордилар”. (“Тафсири Мунийр”дан).
65. Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан Раҳмат (яъни, пайғамбарлик) ато этган ва Ўз ҳузуримиздан Илм берган эдик.
Бу улуғ банда Хизр алайҳис-салом эди. Унинг асил исми, “Саҳиҳи Бухорий”да ривоят қилинишича, Балё ибн Малкон бўлиб Хизр унинг лақаби эди. Луғатда яшил деган маънони англатувчи Хизр не сабабдан у зотга лақаб бўлиб қолгани ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифда айтилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Унинг Хизр деб ном олишининг сабаби, у зот Ер юзидан қай жойга ором олиш учун ўтирса, ўша жойдан ям-яшил ўтлоқ униб чиқар эди”. (Имом Бухорий ривоят қилган).
Хизр алайҳис-саломнинг пайғамбар бўлганлари борасида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Имом Бағавий ўз тафсирида: “Аксари аҳли илм наздида Хизр пайғамбар эмас, балки Оллоҳ таолонинг Раҳматига сазовор бўлган ва буюк ботиний илм ато этилган солиҳ банда эди”, дейди. “Тафсири Қуртубий”да эса: “Хизр алайҳис-салом жумҳур уламо наздида пайғамбардир. Ояти карима ҳам унинг пайғамбар эканлигига гувоҳлик беради. Яъни, оятда зикр қилинган Оллоҳнинг Раҳматидан мурод, пайғамбарликдир. Қолаверса, инсон ўзидан устун бўлган инсондан таълим олади ва унга эргашади. Демак, Мусо пайғамбарга устоз бўлган зот албатта пайғамбар бўлиши лозим”, дейилади. Шунингдек, Хизр алайҳис-салом ҳали-ҳануз ҳаётми ёки вафот қилганми, деган масъалада ҳам икки хил кўз қараш мавжуд. Лекин аксари уламолар: “Агар Хизр ҳаёт бўлганида, албатта Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келган ва у зотга эргашган бўлур эди. Ҳолбуки бу ҳақда бирон сўз нақл қилинмаган. Демак, Хизр алайҳис-салом Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг замони саодатларидан аввал вафот қилгани аниқдир”, дейдилар.
Имом Бухорий томонидан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шариф масъалага янада ойдинлик киритади: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир кеча хуфтон намозини ўқиганларидан кейин саҳобайи киромга қараб: “Ушбу кечангиз қандай кеча эканини билурмисиз? Албатта, мана шу кечадан юз йил ўтгач, бугун Ер устида бўлган инсонлардан бирон киши ҳаёт қолмайди”, дедилар. Демак, агар фаразан Хизр алайҳис-салом ўша замонда ҳаёт бўлса ҳам, ундан юз йил ўтганидан сўнг ҳаёт бўлмагани аниқдир”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Шундай қилиб, Мусо алайҳис-салом излай-излай денгиз соҳилида тўнларига ўралиб турган Хизр алайҳис-саломни топгач, салом берган эди, у: “Сенинг ерингга салом қаердан келди?” деб хайрон бўлди. Мусо алайҳис-салом: “Мен Мусоман”, деди. Шунда Хизр: “Бани Исроилга юборилган Мусоми, хуш келибсан”, деди.
66. Мусо унга: «Сенга таълим берилган нарсадан, менга ҳам Тўғри Йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?», деди.
Мусо алайҳис-салом мана шундай камтарлик ва одоб билан Хизр алайҳис-саломдан шогирдликка қабул қилишини сўради. Баайни фақир кимса бадавлат кишидан мол-дунёсининг арзимас бир қисмини хайр қилишини сўрагандек, илмингиздан мен Тўғри Йўлни топиб олгудек озгинасини (эътибор қилайлик, илмингизнинг ҳаммасини эмас) менга ҳам ўргатишингиз учун Сизнинг изингиздан юрсам, шогирдингиз бўлсам майлими, деб илтимос қилди. Ҳолбуки, агар Хизр алайҳис-салом валий бўлса, Мусо алайҳис-салом пайғамбар эди, агар Хизр алайҳис-салом пайғамбар бўлса, Мусо алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Китоб ато этган энг улуғ элчиларидан эди. Бас, Мусо алайҳис-саломнинг ушбу сўзлари бизга киши илми ўзидан юқорироқ инсон олдида қандай тавозуъ билан туриши лозимлигини ўргатадиган Илоҳий таълимдир.
Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар бирон кимса ўзидаги илм билан кифояланиши дуруст бўлса, Мусо алайҳис-саломдек ОллоҳтаолонингЎзи билан бевосита сўзлашиш бахтига ноил бўлган Инсон кифояланган бўлар эди. Лекин шундай улуғ олим ҳам ўзидан олимроқ кишининг олдига шогирдликка олишини сўраб борди”.
Зажжож раҳимаҳуллоҳ айтади: “Энг улуғ пайғамбарлардан бўлмиш Мусо алайҳис-салом қилган бу ишда - олис сафар риёзатига сабр қилиб илм исташликда, ҳеч ким учун - гарчи у камолот чўққисига чиққан инсон бўлсада - илм исташни тарк қилиш дуруст эмаслигига очиқ далолат бор”.
“Тафсири Бағавий”да ривоят қилинишича, Мусо алайҳис-салом Хизр алайҳис-саломга мазкур сўзларини айтганида, Хизр: “Илм жиҳатидан Таврот кифояку, яна зиммангда бани Исроил қавмини бошқаришдек етарли вазифа ҳам борку?” деди. Шунда Мусо унга: “Бу ишни Оллоҳ таоло амр қилди”, деганида -
67-68. (Хизр) айтди: «Аниқки, сен мен билан сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас. (Зотан), ўзинг эгаллаб олмаган - хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қилурсан?!”
Албатта, Хизр алайҳис-салом бу сўзларини Мусо алайҳис-саломни илм олишдан қайтариш учун ёки уни шогирдликка қабул қилмаслик қасдида айтмади, балки бунинг батамом бошқа, ўзига хос сабаби бор эди. У гўё шундай деди: “Эй Мусо, аниқки, сен менинг илмимдан кўрадиган нарсаларингни қабул қилишга кучинг етмайди. Чунки сен менинг томонимдан зоҳирий кўриниши қабул қилиб бўлмайдиган шундай ишларни кўрасанки, уларнинг ботиний ҳикматидан бехабар киши ҳеч ҳазм қила олмайди. Сенга эса, фақат зоҳирий илм, яъни, нарсаларнинг зоҳирига қараб хукм чиқарадиган илм берилган, аммо ботиний илмдан ҳали хабардор эмассан, бас, ўзинг бехабар бўлган нарсага қандай сабр қила оласан?” Хизр алайҳис-саломнинг бундай дейишига сабаб, унга Мусо алайҳис-салом ҳали унинг томонидан қилинадиган кўринишидан мункар - инкор қилинган, зоҳирига қаралса, шаръан дуруст бўлмаган ишларни кўриши маълум эди. Албатта, пайғамбарлар мункар иш олдида жим тура олмайдилар ва агар бу ишнинг ботиний ҳикматидан хабардор бўлмасалар, уни дарҳол тўхтатишга ҳаракат қилиб, “нега ундоқ қилдинг?!” деб ўша ишни қилгувчини сўроққа тута бошлайдилар. Худди мана ҳолатни назарда тутиб Хизр алайҳис-салом Мусо алайҳис-саломга: “Аниқки, сен мен билан сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас”, деган эди -
69. (Мусо) деди: «Иншооллоҳ, сен менинг сабрли эканимни кўрурсан. Мен бирон ишда сенга осийлик - итоатсизлик қилмасман».
Яъни, Оллоҳ таолонинг ёрдами билан мен сен қиладиган бирон ишга эътироз билдирмасдан сабр қилишимни кўрурсан. Менга буюрадиган ишларингда эса, ҳаргиз итоатсизлик қилмасман.
Мусо алайҳис-салом Хизр алайҳис-саломга албатта, ҳар қандай ҳолатда сабрли бўлишга ва бирон ишда унга итоатсизлик қилмасликка ваъда берар экан, сўзи ўртасига “иншоолоҳ”ни кўшишига сабаб, биринчидан, ҳали у келажакда нималар бўлишини билмасдан туриб кесиб бир сўз айтишга қодир эмас эди, иккинчидан, Мусо алайҳис-саломдек зотнинг агар Хизр алайҳис-салом томонидан бирон зоҳирда шариатга мувофиқ бўлмаган иш содир бўлса, индамасдан сабр қилиб тура олиши ҳам даргумон эди. Шунинг учун ҳам у ҳар қандай ҳолатда ҳам мадад беришини Яратгандан сўраб, “иншооллоҳ - агар Оллоҳ хоҳласа”, деб ваъда берди.
70. У (Хизр) айтди: «Бас, агар менга эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида мендан сўрамагин!»
Яъни, агар сен ростдан ҳам менга эргашиб, менга ато этилган илмдан бахраманд бўлишни истасанг, у ҳолда сенга фақат бир шартим бор - менинг ишларимдан қай бири сенинг назарингда тўғри бўлмаса ва уни қабул қила олмасанг, у ҳақида менга эътироз билдирмагин, талашиб-тортишмагин ва ҳатто ўзим сенга айтмагунимча ўша ишнинг ҳикмати ёки сабаби ҳақида оғиз очиб мендан сўрамагин ҳам. Ушбу сўзлар Хизр алайҳис-салом томонидан Мусо алайҳис-саломга бир таълим ва ўрталаридаги суҳбатнинг давомли бўлиши учун кўрсатилган йўл-йўриқ эди. Лекин Мусо алайҳис-салом, қуйида келадиган оятларда хабар берилишича, турли савол, ҳатто эътирозларни кўпайтириб юбордики, оқибат-натижада уларнинг ажралишлари тайин бўлиб қолди.
71. Бас, икковлари йўлга тушдилар. То бориб бир кемага минган эдиларки (Хизр кеманинг тагини) тешиб қўйди. (Мусо) айтди: «Уни (бизга кемаларидан жой берган) одамларни ғарқ қилиб юбориш учун тешдингми?! Жуда даҳшатли иш қилдингку?!»
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бас, Хизр ва Мусо денгиз соҳилида кема излаб кетаётган эдилар, олдиларидан бир кема ўтди. Уни тўхтатиб, эгаларидан уларни ҳам ўзлари билан олиб кетишларини сўрадилар. Кемадагилар Хизр алайҳис-саломни таниб қолиб, уларни кира ҳақи ҳам олмасдан кемага чиқариб олишди. Кемага чиқишлари билан Мусо қараса, Хизр теша билан кеманинг остидаги бир тахтасини кўчириб олиб, уни тешиб қўйганини кўрди. Шунда Мусо деди: “Қавм биздан кира ҳақи ҳам олмасдан кемаларига чиқариб олсалар, сен уларни денгизга ғарқ қилиб юбориш учун кемаларини тешиб қўйдингми?! Жуда даҳшатли иш қилдингку!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
72. (Хизр) деди: «Сен мен билан сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!»
Хизр алайҳис-саломнинг бу сўзларида ўзи Мусо алайҳис-саломга аввал айтган гапларини яна бир бор эслатиб қўйиш ҳам, унинг қилган хатосига дашном бериш ҳам, шу билан бирга, “мана, менга берган ваъдангга вафо қила олмадингку”, деган киноя ҳам бор эди.
73. (Мусо) айтди: «Унутганим сабабли мени койимагин ва бу ишим учун мени қийнаб машаққатга дучор қилмагин».
Яъни, Мусо алайҳис-салом Хизр алайҳис-саломнинг “то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида мендан сўрамагин”, деган сўзларини унутиб “нега бутун кемани тешиб кўйдинг”, деб юборгани учун унга ўз узрини айтди ва биргина шу хатоси сабабли уни ушбу сафарларида қийин аҳволга солиб кўймаслигини сўради. Уламолар “ушбу оятда унутиш сабабли қилинган хато кечирилишига ишора бор”, дейдилар. “Саҳиҳайн”да Убай ибн Каъб розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Мусо алайҳис-салом томонидан қилинган биринчи хато унутишдан бўлган эди”. дедилар. (“Маолимут-танзил” ва “Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон ” тафсирларидан).
74. Сўнг яна йўлга тушдилар. То бориб бир болага рўбарў бўлганларида, (Хизр) уни ўлдирди. (Буни кўрган Мусо) деди: «Бирон жонсиз (яъни, бирон жонни ўлдирмаган) бир покиза жонни ўлдирдингку?! Дарҳақиқат, (сен) кўз кўриб қулоқ эшитмаган ишни қилдинг-ку!»
Яъни, Мусо айтган биринчи узр қабул қилиниб, Хизр алайҳимас-салом иккови сафарларида давом этар эканлар, денгиздан чиқиб, соҳилда кетаётганларида ўйнаётган болалар олдидан ўтдилар. Шунда Хизр ниҳоятда чиройли юзли бир болани ушлади-да, ётқизиб, бўғзига пичоқ тортиб юборди. (Бухорий ривояти). Буни кўриб турган Мусо: “Гуноҳлардан тоза покиза жонни ўлдирдингку?! Ахир у бирон кимсани ўлдирган эмасди-ку, сен уни қасос олиш учун ўлдирдим десанг. Ҳақиқатан, сен мудҳиш иш қилдинг!” деди.
Аксари уламолар ушбу ўлдирилган бола балоғат ёшига етмаган гўдак бўлганини айтадилар. Ва шунинг учун ҳам у ояти каримада покиза - бегуноҳ, деб сифатланди, дейдилар. Лекин бошқа бир тоифа муфассирлар ўлдирилган ғулом балоғатга етган йигит эди, шунинг учун ҳам унинг бирон кимсани ўлдириб, қасос олинишга мустаҳиқ бўлмагани айтилди. Балоғатга етмаган боладан эса, бирон кимсани ўлдириб қўйса ҳам қасос олинмайди, дейдилар.
Мазкур бола ким эканлиги ҳақида ҳадиси шарифда ҳам айтилган: Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Хизр алайҳис-салом ўлдирган бола куфр тамғаси босилган бола эди. Агар у яшаб қолса, албатта ота-онасини ҳам зўрлаб туғён ва куфрга киритган бўлур эди”, дедилар. Оллоҳтаоло Хизр алайҳис-саломни мана шу сирдан воқиф қилгани учун ҳам ўша болани ўлдирган эди. Лекин Мусо алайҳис-салом у сирдан бехабар бўлгани сабабли Хизрнинг зоҳирда шариатга мутлақо зид бўлган ишни қилганини кўриб юқоридаги сўзларини айтди. Шунда -
75. (Хизр) деди: «Мен сенга, сен мен билан сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!»
Яъни, Хизр алайҳис-салом Мусо алайҳис-саломга иккинчи имтиҳондан ҳам ўта олмаганини ва ўртага кўйилган шартни иккинчи бор бузиб, Хизрнинг ўзи айтиб бергунича сабр қилмай “Нега бундай мудҳиш ишни қилдинг?!” деб сўроққа тутганини айтиб, “Мен сенга нима деган эдим? Сен мен қиладиган ишларни кўрганингда ҳеч ҳам тоқат қила олмайсан демаганмидим?” деди. Мусо алайҳис-салом ҳам албатта ўзининг яна бир хато қилганини тушунди ва ўртага кўйилган шартни пайдар-пай иккинчи марта бузгани учун не машаққатлар билан топган Устоз суҳбатидан маҳрум бўлиб қолиш хавфидан жуда қўрқиб кетди ва ундан охирги марта узр сўради -
76. (Мусо) деди: «Агар бундан кейин сендан яна бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилмагин. (Чунки) у ҳолда менинг томонимдан айтилган узрларни қабул қилишда сўнгги чегарага етганинг аниқ бўлади.
Яъни, “агар мен сенинг томонингдан содир бўладиган ишларга учинчи марта ҳам эътироз билдирадиган ёки нима учун бу ишни қилдинг, деб сўрайдиган бўлсам, у ҳолда мени суҳбатингдан маҳрум қилсанг розиман. Чунки ҳар қандай узр ҳам уч мартагача қабул қилиниши мумкин. Бир хато пайдар-пай уч марта такрорлангач, сўнгги чегарага етган бўлади ва энди узрни қабул қилмаган киши маломат қилинмайди”.
Мусо алайҳис-салом айтган бу сўзлар унинг ўз хатоларидан қаттиқ пушаймон бўлганига далолат қилар эди. лекин у зот худди мана шу “у ҳолда мени ўзингга ҳамроҳ қилмагин”, деган сўзлари билан ўзи сезмаган ҳолда Хизр алайҳис-салом билан бўлган суҳбатларига охирги чегарини қўйиб қўйган эди.
Абдуллоҳ бн Аббос розияллоҳу анҳумо Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳ таоло бизни ҳам, Мусони ҳам ўз Раҳматига олсин, агар у шошқалоқлик қилмаганида, албатта кўп ажойиботларни кўрган бўлур эди. лекин у уялгани ва қўрқиб кетгани учун: “Агар бундан кейин сендан яна бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилмагин. (Чунки) у ҳолда менинг томонимдан айтилган узрларни қабул қилишда сўнгги чегарага етганинг аниқ бўлади”, деб юборди. Агар у сабр қилганида, албатта, кўп ажойиботларни кўрган бўлар эди”, дедилар. (Муслим ривояти. “Маолимут-танзил ” тафсиридан).
77. Сўнг (икковлари) яна йўлга тушдилар. То бир қишлоқ аҳлининг олдига келиб, унинг аҳолисидан таом сўраган эдилар, уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Сўнг ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўриб қолиб, (Хизр) уни тиклаб қўйди. (Мусо) деди: «Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди».
Кўпчилик уламолар мазкур қишлоқдан мурод, Антокия шаҳри дейдилар. Айрим муфассирлар эса, Андалусдаги шаҳарлардан бири деганлар. Ривоят қилинишича, Хизр ва Мусо алайҳимас-салом айланиб юриб у шаҳар аҳолисидан егулик сўрадилар, лекин улар бирон егулик бермадилар, мусофирликларини айтсалар ҳам меҳмон қилмадилар. Икковлари шаҳар кўчаларида кезиб юрганларида, қийшайиб, йиқилай деб турган бир деворга кўзлари тушиб қолди. Шунда Хизр алайҳис-салом у деворни қўли билан силаб қўйган эди, шу онда у тикланиб, тўғри девор бўлиб қолди. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳис-саломдан қилган бир ривоятда эса, Хизр у деворга қўли билан тикланиш ишорасини қилганидаёқ унинг тикланиб қолгани айтилган. Бу кароматга гувоҳ бўлиб турган Мусо алайҳис-салом лолу ҳайрон бўлиб қолди, қоринлари очқаб тилансалар ҳам бирон егулик бермаган кимсаларга Хизр нима сабабдан деворларини тузатиб берганини тушуна олмади ва ниҳоят даражада силласи қу-риганидан ўзини тута олмай: “Агар хоҳласанг, бу қилган ишингнинг ҳақига қишлоқ аҳлидан албатта бирон нарса олсанг бўлардику”, деб юборди. Шунда -
78. (Хизр) айтди: «Мана шу сен билан менинг ажралишимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман.
Яъни, “мана, сен билан менинг ажраладиган вақтимиз келиб етди. Чунки сен ўзинг, эй Мусо, “агар яна бирон нарсада сенга эътироз билдирсам, мени ўзингга ҳамроҳ қилмагин”, деб ўртага шарт қўйган эдинг. Ҳозир сен ўша шартни буздинг, демак, энди ажралишимиз керак”.
Баъзи тафсирларда ривоят қилинишича, Хизр алайҳис-саломдан бу сўзларни эшитган Мусо алайҳис-салом унинг этагидан ушлаб: “У ҳолда ажралиб кетишимиздан аввал ўзинг менга қилган ишларингнинг маъносини тушунтириб бергин дегач, Хизр алайҳис-салом унга: “Албатта, мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг мазмунидан хабардор қиламан”, деб, бўлиб ўтган уч воқеадан ҳар бирининг таъвилини айта бошлади. (“Тафсири Бағавийдан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Мусо алайҳис-саломнинг тешилган кема ва ўлдирилан бола ҳақида сўраган саволлари Оллоҳ учун бўлган эди, шунинг учун Хизр алайҳис-салом унинг бу хатоларини кечирди ва икковларининг ҳамроҳликлари давом этди. Аммо Мусонинг девор-га ҳақ олиш ҳақидаги саволи эса, дунё нарсасининг истагида сўралган эди, шунинг учун бу савол уларнинг ажралиб кетишларига сабаб бўлди”. (“Тафсири Куртубий”дан).
79. Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган (қатнайдиган) мискин-бечораларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг олдида (кўзлаб кетаётган манзилларида) ҳар бир (бутун) кемани талон-тарож қилиб, тортиб олгувчи бир подшоҳ бор эди.
Яъни, эй Мусо, сен менга эътироз билдирган биринчи иш - кеманинг ост қисмидаги бир тахтани кўчириб, уни тешиб қўйганимнинг сабаби, мен уни айбли қилиб кўйиш учун шу ишни қилдим.
Чунки у кема ночор-бечораҳол бўлган бир неча оға-инига тегишли бўлиб, уларнинг ўша кемадан бошқа фойдаланадиган нарсалари йўқ эди. оға-иниларнинг барчаси кемалари билан денгизда одамларни ташиб олган кира ҳақлари билан зўрба-зўр тирикчиликларини ўтказар эдилар. Менга Парвардигорим томонидан уларнинг кўзлаб кетаётган манзилла-рида золим подшоҳ сузиб келган ҳар бир бутун кемани босқинчилик билан ўзиники қилиб олаётгани маълум қилингач, мен бечора оға-иниларнинг кемалари ҳам талон-тарож бўлиб кетмасин деб уни кўрган одам яроқсиз деб ўйлайдиган ҳолга келтириб қўйдим. Менинг қилган бу ишим оға-иниларга етадиган икки зиёндан енгилроғини кўзлаб қилинган эди. Сен эса, эй Мусо, менга билдирилган ғайб илмидан бехабар бўлганинг учун “Жуда даҳшатли иш қилдинг!” деб мени айбладинг”.
80-81. Ҳалиги боланинг эса, ота-онаси мўмин кишилар эдилар. Бас, биз у (бола) тугён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан (яъни, уларнинг ўз болаларини яхши кўрганлари сабабли диндан чиқиб кетишларидан) қўрқдик. Шу сабабдан, уларга Парвардигорлари (бу бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик.
Яъни, мен ОллоҳтаолонингАмри билан ўлдирган болага келсак,унинг ота-онаси Оллоҳнинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигига иймон келтирган инсонлар эдилар. У бола бўлса, гарчи мўмин ота-онадан дунёга келган эсада, яралишидан куфр тамғаси босилган бола эди. Бас, бизга Яратган томониан мана шу сир аён қилингач, кўрқдикки, бу бола ўлмасдан катта бўлса, унинг ота-онаси, кўзларининг оқу қораси бўлган фарзандларини жондан ортиқ севучи ота-она ҳам унга эргашиб ёки унинг зуғумларига чидай олмаганликларидан куфр йўлига кириб, туғёнга тушиб адашиб кетишлари хавфи бор. Бас, бир кофир касофатидан яна икки инсон йўлдан озиб, ҳаммалари ҳалок бўлганларидан ўша кофир фарзанднинг ўзи ҳалок бўлиши хайрлироқ эканини ҳисобга олиб, Оллоҳтаолонинг Иродаси билан у болани ўлдирдик ва бу ишимиз билан Парвардигор унинг ота-онасига у гумроҳ бола ўрнига яхшироқ, покроқ, тақволи, ота-онасига жуда яқин ва меҳрибон бўлган солиҳ фарзандни бадал-эваз қилиб беришини истадик”.
Қатода айтади: “У бола туғилганида ота-онаси шоду хуррам бўлган эдилар, у ўлдирилганида эса беҳад қайғурдилар. Ҳол буки, агар ўша бола тирик қолганида, у иккисининг ҳалокатларига сабаб бўлар эди. Демак, инсон ўзи учун нима яхши-ю, нима ёмон эканлигини билмаслиги мум-кин. Бас, ҳар бир киши Оллоҳ таолонинг Ҳукми - Қазосига рози бўлсин. Чунки Оллоҳ таоло мўмин бандаси учун унга ёқмайдиган нарсани хукм қилиши унинг учун яхши кўрадиган нарсасини ҳукм қилишидан яхшироқ бўлиши мумкин. Саҳиҳ ҳадисда келган: “Оллоҳ таоло мўмин учун қандай ҳукм қилмасин, унинг учун яхшилик бўлур”, деган сўзнинг ҳикмати шудир. Оллоҳ таоло айтганку: “(Зотан,) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сизлар учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Оллоҳ билур, сизлар билмассиз”. (Бақара сураси, 216-оят).
82. Энди девор эса, шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, Парвардигоринг улар вояга етиб, ўзларининг хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Бу Парвардигоринг томонидан бўлган Раҳмат-Марҳамат эди. Мен бу (ишларнинг биронтасини) ўз-ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир».
Яъни, эй Мусо, энди мен ўнглаб-тиклаб қўйган деворга келсак, у девор ўша Антокия шаҳридаги икки етим болага қарашли бўлиб, остида ўша болалар учун кўмиб-яшириб қўйилган олтин-кумуш хазинаси бор эди. Уларинг оталари солиҳ киши эди.
(Барча тафсир китобларида мазкур солиҳ киши у етим гўдакларнинг еттинчи оталари бўлгани айтилади). Бас, Оллоҳ таоло ўша солиҳ бандаси шарофатидан унинг авлодлари бўлмиш икки етимга тегишли хазинани бегона кўзлардан асраб, у иккиси катта бўлиб куч-қувватга киргач, уни ўз қўл-лари билан чиқариб олишларини ирода қилгани учун менга ўша йиқилиб тушай деб турган деворни қайтадан тиклаб қўйишни буюрди. Бу Парвардигор тарафидан бўлган бир Марҳамат эди. Чунки агар у девор йиқилиб тушадиган бўлса, остидаги хазина очилиб, одамлар томонидан талон-тарож бўлиб кетиши аниқ эди. Шунинг учун мен у деворни қайтадан тиклаб қўйдим.
Кўриб турганингдек, мен бу ишларни - кемани тешиб қўйишни ҳам, болани қатл қилишни ҳам, деворни тиклаб қўйишни ҳам ўз-ўзимча қилганим йўқ. Сен бўлсанг, то мен ўзим сенга баён қилиб бергунимча сабр қилиб турмасдан шошқалоқлик қилдинг ва менга шогирд бўлган вақтингда ўртага қўйилган шартни қайта-қайта бузиб, мана энди ажралиш вақтимиз етиб келди.
“Танвирул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, ажралиб кетаётган вақтларида Хизр алайҳис-салом Мусо алайҳис-саломга: “Агар сабр қилга-нингда, менинг томонимдан кўрганинг бу ажойиб воқеалардан ҳам ажойиброқ бўлган яна минг ажойиботни кўрган бўлур эдинг”, деган эди, Мусо алайҳис-салом шундай улуғ олимдан ажралиб қолаётгани учун йиғлаб: “Менга васият қилгин”, деди. Шунда Хизр алайҳис-салом айтди: “Сен илмни одамларга сўзлаб бериш учун эмас, балки унга амал қилиш учун ўргангин!”
Мазкур Илоҳий қиссадан олинадиган ибрат Оллоҳ таоло томонидан бандаларга берилган илмнинг нақадар чекланган эканлигини билишдир. Пайғамбарлар тарихидан маълумки, Мусо алайҳис-салом «Калимуллоҳ - Оллоҳ таоло билан бевосита сўзлашгувчи» деган номга сазовор бўлган зотдир. У киши, Яратган билан савол-жавоб қилганида, ўртада ҳатто фаришта ҳам воситачилик қилмаган - бор ҳақиқатни Ҳақ таолонингЎзидан олган. Бинобарин, дунёда мендан ҳам илмлироқ, одам бормикан, деган фикр у зотнинг кўнглидан кечган бўлса керакки, юқоридаги оятларда зикр қилинган қиссада Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарини огоҳлантириб, гўё шундай дейди: «Агар сенга бўлиб ўтган барча нарсалар тўғрисида билим берган бўлсам, бандаларим орасида шундай бир киши ҳам мавжудки, унга энди бўладиган нарсаларнинг билимини ҳам ато этгандирман - яъни, сен ўз илм-маърифатинг билан бутун дунёга устоз бўлишинг мумкин, аммо у бандамга шогирд бўлишга ҳам ожизлик қилурсан». Бу ҳикоя билан Оллоҳ таоло Ўзининг: «Ҳар бир билим соҳиби устида (ундан устунроқ) билимдон бордир», (Юсуф сураси, 76-оят) деган ояти каримасининг ҳақ эканини яна бир карра исбот этади.
83. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), яна Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Мен сизларга у ҳақдаги хабарни албатта тиловат қилиб берурман».
Ушбу ва қуйидаги оятларда Зулқарнайн ҳақида ҳикоя қилинади. Қадимда яшаб ўтган бу улуғ зотнинг нима сабабдан Зулқарнайн - икки шох эгаси деб аталиши хусусида хилма-хил ривоятлар бордир. Баъзилар унинг бошида иккита шохи бўлган, десалар, бошқа ривоятларда у икки кокилли эди, дейилади. Яна бир мўътабар манбаъда эса, Ернинг Шарқу Ғарбига хукмронлик қилгани учун ҳам икки шох эгаси деган ном олган, дейилади. Қуйида Оллоҳ таолонинг ана ўша иймон ва тақво эгаси бўлган бандасининг Ер юзида ҳақни қарор топдириш учун қилган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўйланади.
Ояти каримада зикр қилинган сўрагувчилар яхудлардир. Улар Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламни имтиҳон қилиш учун Ернинг шарку ғарбини эгаллаган кишн кимлиги ҳақида сўраганларида Ҳақ таоло Ўз Элчисига: “Мен сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилиб берурман”, деб айтишни буюрди.
Алий розияллоху анхудан: “Зул-қарнайн пайғамбар бўлганми ёки фа-ришта бўлганми?”деб сўралганида, у: “Зул-қарнайн пайғамбар ҳам эмас, фаришта ҳам. Балки у бир солиҳ банда бўлиб, Оллоҳни севар ва Оллоҳ ҳам уни севар эди”, деб жавоб берди.
“Танвийрул-азҳон” тафсирида айтилади: “Тарихда икки Зул-қарнайн ўтган. Ушбу оятларда зикр қилинган Зул-қарнайн уларнинг каттасидир.
Унинг исми Искандар ибн Филқувс Юноний бўлиб, бутун дунёни эгаллаган. Мужоҳид розияллоху анху айтади: “Бутун дунёни эгаллаган подшоҳлар тўртта. Улардан иккиси мўмин, иккиси кофирдир. Икки мўмин подшоҳдан бири Сулаймон ибн Довуд алайҳимас-салом, иккинчиси Зул-қарнайндир. Икки кофир подшоҳдан бири Намруд, иккинчиси Бухтансардир”.
Зул-қарнайн Намруддан кейин, Иброҳим алайҳис-салом замонида ўтган, лекин у Иброҳим алайҳис-саломдан кейин ҳам узун умр кўрган. Иккинчи Зул-қарнайн эса, Искандар Румий бўлиб, у аввалги Зул-қарнайндан икки минг йилдан кўпроқ вақт ўтгач, Ийсо алайҳис-саломдан уч юз йиллар чамаси илгари ўтган. Файласуф Арасту унинг вазири эди. У Дорога қарши жанг қилган форс подшоҳларини тормор қилиб, ерларини топтаган. У динсиз кофирлардан бўлиб, бор-йўғи ўттиз олти йил умр кўрган. Демак, Қуръонда зикр қилинган Зул-қарнайн у эмас, аввалги Зул-қарнайндир.
84. Дарҳақиқат, Биз унга (Зул-қарнайнга) Ерда салтанат - ҳукм-ронлик бердик ва (кўзлаган) барча нарсасига (етказувчи) сабаб - йўл ато этдик.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло солиҳ бандаси Зул-қарнайнга Ернинг барча тарафларида тамкин, яъни, куч-кудрат ато этгани ва у нимани истаса, ўша истаган нарсасига етказадиган сабаб - йўлни ҳам кўрсатиб қўйгани ҳақида хабар беради.
Алий каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: “Оллоҳтаоло Зул-қарнайнга булутларни ҳам бўйсундириб қўйгани учун у булутустида ҳам юра олар эди, унга барча нарсаларнинг сабаблари муҳайё қилингани ва ёритиб кўйилгани учун у кеча ва кундуз баробар кўришга ва йўл юришга қодир эди. Ер юзида тамкин берилганининг маъноси шудир”. У ердан хоҳлаган жойига бир зумда етиб бора олар, душманларга қарши жанг қилиш, шаҳарларни фатҳ қилиш унинг учун жуда ҳам осон иш эди.
85-86. Бас, у бир сабаб изидан йўл олди. То қачон кун ботадиган жойга етиб боргач, (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва у (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз: «Эй Зул-қарнайн, сен ё (уларни) азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомалада бўлурсан», дедик.
Яъни, Зул-қарнайн аввал Ернинг кунботар тарафига қараб йўл солди ва қачонки одамлар яшайдиган жой тугаб баҳри муҳийт бошланадиган жойга етгач, олисдан қуёшни қоп-қора денгизга ботиб кетаётганини кўрди. Бу худди соҳили кўринмайдиган буюк муҳийт - океанда кемада кетаётган одамларга олисда ботиб кетаётган қуёш гўё ўша узокдан қоп-қора бўлиб кўринган сувга чўкиб кетаётгандек кўринганига ўхшар эди. Ҳолбуки Ердан минг-минг мартта катта бўлган қуёш сайёраси ўша Ернинг бир четидаги сувга ботиши ақл бовар қилмас ишдир. Бу ўринда сўз ҳамма томони осмон билан ўралган думалоқ шаклдаги Ер сайёраси ўз ўқи атрофида Яратган томонидан буюрилган аниқ ва қатъий тартиб билан мунтазам равишда айланиб турар экан, худди ўшандай мунтазам равишда унинг бир томонида қуёш кўринган - чиққан вақтида яна бир томонида кўринмай - ботиб бориши ҳақида бормоқда. (“Танвийрул-азҳон” ва “Ал-Муктатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирлари).
Шундай қилиб, Зул-қарнайн кунботар тарафидаги Тунис, Жазоир ва Марокаш каби ўлкалардан ўтиб Ер четига етиб боргач, баҳри муҳийтга дуч келди ва олисдан қуёш ўша қоп-қора сувга ботиб кетаётганини ҳам кўрди. У ўша жойда бир қавмни учратди. Уларнинг либослари ваҳший ҳайвонларнинг терисидан бўлиб, ейдиган таомлари денгиз соҳилга чиқариб ташлайдиган нарсалар эди. Улар бут ва тошларга сиғинадиган кофир қавмлардан эдилар. Саноқлари жуда кўп эди. Шунда Ҳақ таоло томонидан илҳом бўлиб Зул-қарнайннинг дилига шундай Сўз келди - энди ихтиёр сенда. Хоҳласанг, у кофир қавмни азобга гирифтор қил, хоҳласанг, сабр-тоқат билан чиройли муомалани маҳкам тутиб, уларни Тўғри Йўлга даъват қил!
87. У айтди: «Золим бўлган кимсани, албатта, азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У Зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар.
Яъни, Зул-қарнайн қалбига Оллоҳтаоло томонидан илҳом бўлган ўша Сўзни у кофир қавмга етказиб, деди: “Эй қавм, сизлардан кимда-ким ўз куфрида оёқ тираб туриш билан зулм йўлини тутса, яъни, Ҳақ Йўлга юрмаса, Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳга иймон келтирмаса, у ҳолда мен ва мен билан бирга бўлган кишилар албатта уларни азобга гирифтор қилиб ўлдирурмиз. Лекин бизнинг азоблашимиз мана шудунё азобидир. Сўнгра ҳар бир золим учун шак-шубҳасиз, Охират азоби ҳам бордир. У албатта Парвардигори ҳузурига қайтарилади. Ана ўша жойда Парвардигор уни шундай даҳшатли ва мисли кўрилмаган азоб билан азоблайдики, у бирон кофир қочиб қутула олмайдиган ва ҳеч қачон тугаб қолмайдиган жаҳаннам азобидир.
88. Энди иймон келтириб яхши амаллар қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат - жаннат мукофот бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрурмиз».
Аммо ким менинг даъватимни қабул қилиб, Оллоҳ таолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигига иймон келтирса ва ўша иймони тақозоси билан солиҳ амаллар қилса, бас, унинг учун Охиратда бениҳоя гўзал мукофот - жаннат бордир ва биз ҳам унга ишларимиздан машаққатли бўлмаган осонларини айтурмиз, яъни, токи у Оллоҳнинг динига кўнгил қўйиши ва Оллоҳ таоло буюрган ибодатларни чин ихлос ва муҳаббат билан адо қилиши учун ундан қийин-мушкил ишларни эмас, балки жуда осон ва енгил бўлган амалларни қилишини талаб этурмиз. Демак, агар сизлар сидқидилдан иймон келтириб, солиҳ амалларни қиладиган бўлсангизлар, ҳар икки дунёда ҳам бахтли-саодатли кишилардан бўлурсизлар”.
Шундай қилиб, Зул-қарнайн у қавм олдида бир муддат туриб, золимларни жазолади, мазлумларга ёрдам берди, қавм орасида адолат ўрнатди ва уларни Оллоҳ таолонинг Динига даъват этди.
89-90. Сўнгра у яна бир сабаб изидан йўл олди. То қачон кун чиқадиган жойга етиб боргач, унинг (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини (кўтарилаётганини) кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақланадиган уй, либос каби) бирон парда қилмаган эдик.
Яъни, сўнгра Зул-қарнайн Ернинг кунботар тарафидан кунчиқар тарафига қараб йўл солди ва қачонки Ер сайёрасининг қуёш чиқишини биринчи бўлиб кутиб оладиган шарқий соҳилига етиб боргач, у жойда шундай бир қавмни кўрдики, уларнингустларига чиқадиган кўёшдан тўсадиган ҳеч нарсалари йўқ эди. На эгниларида бирон либос, на устларида бирон бошпана ва на чор-атрофларида соябон бўлгудек бирон дарахт бор эди. Улар ҳеч қандай дов-дарахт ва бинолари бўлмаган яланг чўлу биёбонда яланғоч, ялангоёқ ҳолда худди ёввойи ҳайвонлардек кун кечирар эдилар. Қуёш чиқишидан олдин ер остига - ертўла ва сардобаларига кириб кетишар, қуёш ботганидан кейин ер устига чиқиб, денгиздан балиқ овлаб тирикчилик қилишар эди. Ерлари қумлоқ бўлгани сабабли устида ҳеч қандай бинони кўтара олмасди, қолаверса, улар уй-жой бино қилиб инсонлардек яшаш нима эканлигини ҳам билмас эдилар. Чунки ўта ибтидоий тарзда кун кечирадиган у қавмга ҳеч қандай маданият етиб бормаган эди. Тафсир китобларида у қавмнинг туриш-турмушлари ҳақида яна бошқа турли туман тафсилотлар келтирилади, лекин ушбу оятларда ҳиқоя қилинаётган воқеалар бундан тўрт минг йилдан ҳам кўпроқ вақт илгари бўлиб ўтгани ҳисобга олинса, у олис мозий ҳақида магар Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шариф хабар бермаган бўлса, бошқа ҳар қандай тафсилот қийлу қол ва эмиш-эмишдан ўзга нарса бўлмай қолишини унутмаслигимиз лозими бўлса керак.
91. Ана шундай бўлди (яъни, Зул-қарнайн бу қавмга ҳам кун ботиш-даги қавмга қилган муомалани қилди). Аниқки, Биз унинг ҳузуридаги нарсадан (яъни, унинг барча ишларидан) Хабардормиз - Иҳота қилиб Тургувчимиз.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Биз Ўз Китобимизда Сизга Зул-қарнайнни қандай сифатлаб берган бўлсак, унинг барча иши худди ўша андозада бўлди - у Ернинг кунботар томонини қандай ўз ҳукми остига олган бўлса, унинг кунчиқар томонини ҳам ўз ҳукмига олди, худди мағрибда золимларни азоблаб, солиҳ амалли мўминларга чиройли муомала қилгани каби машриқдаги қавмни ҳам Ҳақ Йўлга чақирди, Ёлғиз Оллоҳга иймон келтириб солиҳ амаллар қилишга буюрди ва кимда-ким динсизлик йўлидан чиқмай зулм қилса, уни қатл азобига гирифтор қилди ким унинг даъватига лаббай деб жавоб бериб, иймон келтирса ва солиҳ амаллар қилса, унга гўзал муомала билан жавоб берди. Бу воқеаларнинг барчаси Бизга аёндир. Чунки Биз унинг қилган барча ишларидан, унга ҳар бир ишнинг сабаби осон қилиб қўйилганидан жуда яхши Хабардор - иҳота қилиб Тургувчидирмиз.
92-93. Сўнгра у яна бир сабаб изидан йўл олди. То қачон икки тўғон - тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғ)ларнинг этагида бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди.
Яъни, сўнгра Зул-қарнайн учинчи тарафга - кунчиқар ва кунботар тарафлари ўртасидаги шимол тарафга қараб йўл солди ва қачонки икки баланд тоғ ўртасига етиб борганида, (Қуртубий ўз тафсирида у тоғлар Арманистон ва Озарбайжон тарафдаги тоғлар эканини айтади), у икки тоғ этагида яшайдиган бир мазлум қавмни кўрдики, луғатлари ғариблигидан улар на бошқаларнинг сўзларини англай олар эдилар ва на ўзларининг сўзларини бировга англата олар эдилар. Замахшарий айтади: “Улар худди соқов кишилардек, қийналиб, имо-ишоралар билан сўзлашар эдилар”.
Зул-қарнайннинг шимол тарафга бўлган ушбу сафари ана ўша бечора қавмни Ерда фитна-фасод тарқатиб, бузғунчилик қилиб юрадиган ваҳший қабилаларнинг ғорат-босқинчиликларидан халос қилиш учун бўлган эди.
94. Улар: «Эй Зул-қарнайн, шак-шубҳасиз (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (номли қавмлар) Ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Бизлар сенга ҳаражат - тўлов тўласак, сен биз билан уларнинг ўртасига бир сад чекиб (бир тўғон қуриб) берурмисан?», дедилар.
Яъни, ўша мазлум қавм Зул-қарнайнга ўз ҳолларидан шикоят қилиб гўё шундай дедилар: “Эй Зул-қарнайн, мана шу тоғлар ортида Яъжуж ва Маъжуж деб номланадиган икки ваҳший қабила бор, қилар ишлари Ерда бузғунчилик қилиб, фитна-фасод тарқатиш. Улар ҳар йили баҳорда мана шу икки тоғўртасидан ўтиб келиб, мўрмалаҳдай еримизни босиб оладилар ва қандай яшил-ҳўл нарсани топсалар еб битирадилар, қуруқ-қаттиқ нарсаларни эса, ўзлари билан олиб юртларига, тоғ ортига олиб кетадилар. Биз уларга қарши урушайлик десак, жуда озчилик ва кучсиз, бечора қавммиз, улар бўлса, сон-саноқсиз ва жуда бақувватлар. Шунингучун сен мана шу икки тоғ ўртасига уларнинг йўлини тўсиб қўя оладиган бир баланд ва мустаҳкам тўғон куриб берсанг эди, бизлар сенга бу ишинг эвазига қўлимизда бор нарсани берар эдик”.
“Тафсири Мароғий”да анча тафсилотлар ва тарихий ҳужжатлар билан у икки ваҳший қабила - Яъжуж ва Маъжуж Хитой-Тибет ўлкаларидан бошланиб то Покистон чегараларигача ёйилган хитой ва хинд уруғлари эканлиги, садди Искандарий эса, Осиё қитъасидаги мусулмонларни ўша икки мажусий қабила босқинидан тўсиб турадиган тўғон бўлгани айтилади.
95. (Зул-қарнайн) айтди: «Парвардигорим менга ато этган нарса (сизлар берадиган мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга куч-қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай.
Яъни, “Зул-қарнайн уларга: “Сизлар тўплаб берадиган мол-дунёга муҳтож эмасман. Чунки Парвардигорим менга ато этган кудрат ва имконият сизлар берадиган мол-дунёдан яхшироқ, афзалроқдир. Аммо агар сизлар ҳақиқатдан ҳам менга ёрдам бермоқчи бўлсаларингиз, у ҳолда ўз меҳнатингиз билан ёрдамлашингиз. Менга сизлар сўраган тўғонни тиклаш учун ишчи кучи, хунарманд усталар ва асбоб-анжомлар керак бўлади, шунда мен сизларни у ваҳший қабилалардан тўсадиган тўғондан ҳам баландроқ ва мустаҳкамроқ бир девор бино қилиб берурман”, деган эди, қавм: “Қандай асбоб-анжомлар?” деб сўради. Зул-қарнайн айтди -
96-97. Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар”. То (темир парчалари) икки тоғ чўққиси билан баробар бўлгач, (Зул-қарнайн: «Босқонлар билан) дам уринглар», деди. Бас, қачон у (темир-терсакларни қиздириб) ўтга-чўғга айлантиргач, деди: «(Энди) менга эритилган мис келтиринглар, у (темир парчалари)нинг устидан қуюрман. Энди уларнинг на (тўсиқ) устига чиқишга кучлари етар ва на уни тешиб ўтишга қодир бўлурлар”.
Зул-қарнайн уларга бундай баланд тўғонни бино қилиш учун энг зарур бўлган асбоб-анжом темир ва мис эканлигини айтиб, аввало катта-катта темир бўлаклари билан уларни ёқиб қиздириш учун керак бўладиган ўтин-кўмир келтиришни буюрди ва икки тоғ ўртасидаги ерни то сув чиқкунича кавлаб, келтирилган темир ва ўтинларни устма-уст тахлаб тўғон деворини кўтараверди. Қачонки тахланган темир парчалари кўтарилиб бориб бир-бирига рўбарўтурган икки тоғнинг чўққиси билан баробар бўлгач, пастда босқонларини тайёрлаб турган темирчиларга “Оловни ёқиб, темир қатламлари остига дам уринглар”, деди. Шунда темир тахламлари орасига қўйилган ўтин-кўмирлар ловуллаб ёниб, темирларни қаватма-қават эритабошлади ва то устма-уст тахланган барча темир қизиб, қип-қизил чўққа айлангач, унинг буйруғи билан катта қозонларда мис эритиб турган мисгар усталарга ўша эритилган мисни келтиришни буюриб, уни ўт бўлиб ёнаётган темирлар устидан қуйиб юборди ва доғланган ёғдек тинимсиз оқиб тушаётган мис тўғоннинг тубидан бошлаб то чўққисигача темир бўлаклари орасидаги ёниб битган ўтин-кўмирлар ўрнини тўлдириб, темир билан мис бир-бирига ёпи-шиб қолди ва у иккисининг аралашмасидан буюк бир тўғон қад ростлади.
“Маолимут-танзил”да мазкур тўғоннинг эни эллик газ (бир газ етмиш сантиметрга тўғри келади), бўйи икки юз газ ва узунлиги бир фарсах (олти минг метрга яқин) бўлгани айтилади.
Тўғон битгач, Зул-қарнайн қавмга қараб: “Энди Яъжуж ва Маъжуж бостириб келишидан асло қўрқманглар. Чунки ушбу тўғон юксак ва сип-силлиқ бўлгани учун улар унинг устидан ошиб ўтишга қодир бўлмайдилар, жуда қалин ва темирдек мустахқам бўлгани учун унинг остидан тешиб ўтишга ҳам кучлари етмайди”, деди ва сўзида давом этиб -
98. “Ушбу (тўғон) Парвардигорим томонидан бўлган бир Марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим бўлишига яқин қолганида), Ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир», деди у.
Яъни, ушбу тўғон ва у сабабли Оллоҳ таолонинг бандалари Яъжуж ва Маъжуж фитнасидан омонда бўлишлари албатта Парвардигорим томонидан бўлган улуғ Марҳаматдир. Аммо бу тўғон ҳам мангу эмасдир. Чунки Парвардигорим Қиёмат қойим бўлиши яқинлашганда дажжол чиқиши, Ийсо алайҳис-саломнинг осмондан Ерга тушиши каби Қиёмат аломатлари қаторида ушбу тўғоннинг ҳам бузилиши ҳақида ваъда қилгандир.
Роббимнинг ана ўша ваъда қилган вақти келганида Унинг Ўзи бу тўсиқ-тўғонни ҳам шак-шубҳасиз ер билан яксон қилади ҳамда Яъжуж ва Маъжуж қабилалари чиқиб яна одамларни ғорат қила бошлайдилар. Парвардигоримнинг ушбу ваъдаси ҳам барча ваъдалари каби Ҳақ Ваъдадир.
Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо айтди: “Пайғамбар соллолоҳу алайҳи ва саллам менинг олдимга қўркувга тушган ҳолда кириб: “Ла илаҳа иллаллоҳ, яқинлаб қолган ёмонликдан арабларнинг шўри қуриди - бугун Яъжуж ва Маъжуж олдидаги тўсиқ мана бунча очилди”, деб бош бармоқлари билан унинг ёнидаги (кўрсаткич) бармоқларини ҳалқа қилдилар. (Зайнаб бинти Жаҳш айтади) Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, орамизда солиҳ кишилар бўлса ҳам барчамиз ҳалок бўламизми?!” дедим. У зот: “Ҳа, агар нопок ишлар кўпайиб кетса”, дедилар.
99. Ўша (ваъда қилинган) Кунда Биз уларни бир-бирларига аралаш-қуралаш қилиб ташладик. Ва сур чалингач, уларни бир (ажиб) тўплаш билан тўпладик.
Ояти каримадаги “Ўша ваъда қилинган Кунни уламолар икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир: тўғон бузилиб, Яъжуж-Маъжуж чиқиб келадиган кунда одамлар худди денгиз тўлқинларидек бир-бирларига аралашиб кетадилар, ўлдиришлар кўпаяди, экинзорлар пайхон этилиб, мол-мулклар ғорат қилинади. Бу даҳшатли ҳодисаларнинг барчаси Қиёмат қойим бўлишидан ва сур чалинишидан бизга маълум бўлмаган муддат илгари содир бўлади. У Кунда одамлар қандай даҳшатга тушиб қолишлари ҳақида мана бу оятларда ҳам хабар берилган: “Биз ҳалок қилган бирон қишлоқ-шаҳар (аҳли қайта дунёга келиши) ҳаромдир. То Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва ҳақ ваъда (яъни, Қиёмат) яқин бўладиган вақтгача улар (яъни, Биз ҳалок қилган кимсалар) қайтмайдилар. Ана у (Қиёмат қойим бўлган) вақтда эса кофир бўлган кимсаларнинг кўзлари қотиб: «Эй, ҳолимизга вой, бизлар бундай (оқибатдан) ғафлатда эдик. Йўқ, бизлар (ўз жонларимизга) жабр қилгувчи бўлдик», (дейдилар)”. (Анбиё сураси, 95-97-оятлар).
Иккинчи тафсир: Сур биринчи марта чалиниб, ўша ваъда қилинган Қиёмат Куни келганида аввал-бошда жамийки халойиқ - фаришталар, инсонлар, жинлар ва ҳайвонот худди денгиз тўлқинларидек бир-бирларига аралашиб кетадилар, яъни, улардан кимнинг жасадининг қайси аъзоси қаерларга сочилиб, нималарга айланиб кетгани номаълум бўлиб қолади. Сўнгра иккинчи бор сур чалингач, Оллоҳ таоло уларнинг ҳар бирини сочилиб, тупроққа айланиб кетган жасадларининг ҳар бир аъзосини жуда гўзал тарзда жамлаб, қайта тирилтириб, барчаларини, бирорталарини қолдирмай ҳисоб-китоб қилиш учун маҳшаргоҳга тўплайди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз уларга) айтинг: «Албатта аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам маълум Кундаги белгиланган вақтга шак-шубҳасиз, тўплангувчидирлар”. (Воқеа сураси, 49-50-оятлар).
“(У Кунда) Биз улардан бирон кимсани қолдирмасдан йиғдик”. (Каҳф сураси, 47-оятдан).
Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, сурни Оллоҳ таолонинг муқарраб фаришталаридан бўлмиш Исрофил алайҳис-салом чалади.
100-101. Ва У Кунда Биз жаҳаннамни кофирларга кўндаланг қилиб кўрсатдик. Уларнинг кўзлари (дунёда) Менинг Эслатмамдан - Куръондан тўсилган эди. Улар (Менинг оятларимни) эшитишга ҳам қодир эмас эдилар.
Яъни, ўша Биз жамийки халойиқни тўплаган Қиёмат Кунида жаҳаннамни келтириб, кўзларида парда бўлгани учун Менинг уларга Эслатма қилиб юборган Китобимни “кўра” олмаган ва қулоқлари “кар” бўлгани сабабли Мен нозил қилган оятларни “эшита” олмаган кофир кимсаларга рўбарў қилдик ва ҳар бир кофир бутун умри давомида эшитган, огоҳлантирилган, аммо борлигига ишонмаган жаҳаннамни ўз кўзлари билан кўрдилар ва унинг худди “эшак ҳанграшидек ўкирик-фарёдини” (Мулк. сураси, 7-оятидан) ўз қулоқлари билан эшитдилар. “(Дўзах) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ ғазабдан ҳайқириб-бўкирганини эшитдилар”. (Фурқон сураси, 12-оят).
Эътибор қилсак, ўрганаётганимиз ояти каримада инсон ақли мутлақо бовар қилмайдиган ҳодиса - ҳаёти дунёга келиб кетган жамийки кофирлар ташланадиган ва ўшанда ҳам тўлмасдан “Яна қўшимча борми?” (Қоф сураси, 30-оятдан) деб турадиган жаҳаннамнинг Қиёмат Кунида кофирлар рўбарўсига келтириб қўйилиши ҳақида хабар берилмоқда, хабар берилганда ҳам, “кўндаланг қиламиз” деб эмас, балки ўша даҳшатли ҳодисанинг рўй бериши аниқ бўлгани учун “кўндаланг қилдик”, деб ўтган замон феъли билан хабар берилмоқда. Албатта, бу ишнинг содир бўлишига инсоннинг қосир ақли бовар қилмайди ва Оллоҳга, Охиратга иймон келтирмаган кимсалар ҳеч ўйламасдан уни инкор ҳам қилаверадилар. Аммо, Оллоҳ таолонинг Борлиги ва Бирлигига, Қиёмат Кунининг албатта қойим бўлишига иймон келтирган мўминлар эса, Қиёматни қойим қилишга ва у Кунда Ер-у осмонда яшаб ўтган жамийки халойиқни тўплаб, қайтадан тирилтириб, сўроқ қилишга Қодир бўлган Зот учун жаҳаннамни келтириб кофирлар рўбарўсига кўндаланг қилиб қўйиш жуда осон иш эканлигига ҳам аниқ ишонадилар. Чунки улар гарчи ўзларининг қосир ақллари тасаввур қилишга ожиз бўлса-да, Ҳақ таоло нозил қилган хабар ҳеч шак-шубҳасиз Ҳақ эканлигига иймон келтирганлар. Шунингдек, улар Каломуллоҳнинг энг ишончли тафсири бўлган ҳадиси шарифда баён қилиб берилган хабарлар ҳақ эканлигига ҳам иймон-келтирганлар. Мана ўша муборак ҳадислардан бири: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “У Кунда жаҳаннам келтирилур, унинг етмиш минг жилови бўлур, ҳар бир жиловдан етмиш минг фаришта тутиб уни судраб олиб ке-лурлар”. (Муслим ва Термизий ривоят қилганлар).
102. Ёки кофир бўлган кимсалар, Мени қўйиб, бандаларимни дўст - илоҳ қилиб олишни (яъни, Мен яратган фаришталар ёки Ийсо ва Узайр каби пайғамбарларни илоҳ деб сиғинишни) ўйладиларми?! Шак-шубҳасиз, Биз жаҳаннамни кофирлар тушадиган жой қилиб тайёрлаб қўйгандирмиз.
Яъни, Оллоҳ таолони қўйиб Унинг бандаларини илоҳ қилиб ушлаб олган кимсалар, жумладан, Ийсо, Узайр алайҳимас-салом каби пайғамбарларга ва малоикаларга сиғинадиганлар бу ишлари Қиёмат Кунида уларга ёрдам беради деб ўйласалар, қаттиқ хато қиладилар. Чунки улар ҳеч қандай шериги бўлмаган Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтирган кофирлардирлар. Аниқки, Оллоҳ таоло барча кофирлар учун улар албатта бориб тушадиган шундай бир “меҳмонхонани” тайёр қилиб, жиҳозлаб қўйганки, у жаҳаннамдир. Улар ўша ўзларини кутиб, ловуллаб ёниб турган жойларидан ҳеч қачон, ҳеч қаёққа чиқиб кета олмайдилар. Бир умр сиғиниб ўтган жонли-ю жонсиз бутлари у жойда уларга мутлақо асқотмайдилар, аксинча улардан тонадилар, уларга қарши гувоҳликка ўтадилар: “(Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Оллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар”. (Аҳкоф сураси, 6-оят).
103-104. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом ўша мушрикларга), айтинг: «Биз сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, (аммо нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли - яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!»
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ўша Оллоҳ таолони қўйиб, Унинг бандаларига сиғинадиган мушрик кимсаларга айтинг: “Сизлар қийналиб, бутун бебаҳо умр-вақтларини сарфлаб иш-амал қилиб, сўнгра ўша қилган амалларидан фойда кўриш ўрнига жуда катта зиён кўрадиган кимсалар кимлар эканлигини билишни хоҳлайсизларми? У ҳолда билинглар - улар ҳаёти дунёда куфр ва ширк йўлини тутишлари билан ёки турли ботил фирқаларга эргашиб кетишлари билан ҳамма саъй-ҳаракатлари адашиб - бутунлай зое бўлиб кетган-у, аммо жаҳолатлари - Ҳақ Йўл нималигини билмаганлари ёки билсалар ҳам, ўша Ҳақ Йўлга юришни хоҳламаганлари сабабли ўзлари ўйлаб топган ботил йўлларини, бузуқ ҳизб ва фирқаларини ҳақ деб билиб, ўзларича: “биз чиройли амал қилмоқдамиз, ҳали бу ишимиз учун Охиратда ажр-мукофотларга эга бўламиз”, деб хомтама бўлиб юрган кимсалардир.
Ояти карима мазмунидан аниқ маълум бўладики, кимда-ким бу ҳаёти дунёда Ҳақ Йўлдан озиб ботил йўлларга кириб кетса, у хоҳ Оллоҳ таолонинг Борлигини инкор этадиган кофир бўладими ё Унинг Бир - Танҳо эканини инкор этадиган мушрик бўладими ёки ўзини мусулмон санаб туриб, Оллоҳ ва Расули чизиб берган чизиқдан чиқиб турли бидъатчи фирқаларга ва ботил ҳизбларга эрчиб кетган фосиқ бўладими, фарқсиз, ундай кимсаларнинг ҳеч бир амали чиройли амал бўлмайди ва агар ўша ҳолларида Ҳақ Дин буюрган бирон-чиройли амални қилган чоғларида ҳам, адашганлардан бўлганлари ва холис Оллоҳ учун қилмаганлари сабабли у амаллари Оллоҳ таоло наздида асло қабул бўлмайди. Кофирларнинг қилган ҳар қандай амали бекор кетиши ҳақида қуйидаги оятда ҳам айтилади. Мушрикларнинг амаллари хусусида яна бошқа бир сурада ҳам Ҳақ таоло: “Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг бехуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан”, (Зумар сураси, 65-оятдан) деб огоҳлантиргандир. Энди Оллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирганман, деб туриб, айтган сўзига амал қилмасдан мусулмонлардан бўлиниб оладиган тўдалар ҳақида эса, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг умматим орасида шундай қавмлар ҳам чиқадики, сизлардан бировингиз уларнинг намозлари олдида ўзининг намозини, уларнинг рўзалари олдида ўзининг рўзасини ҳақийр-паст санайди, лекин уларнинг иймонлари жиғилдонларидан нарига ўтмайди”, деб огоҳлантирганлар (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқалар ривоят қилганлар).
105. Улар Парвардигорларининг оятларини ва (Қиёмат Кунида) У Зотга рўбарў бўлишни инкор қилиб, бутун иш-амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз Қиёмат Кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун ҳеч қандай вазн-қиймат бермасмиз!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарвоқеъ, Қиёмат Кунида семиз-йўғон кимса келтирилиб, тортилганида бир пашанинг қанотича ҳам тош босмайди, агар хоҳласангизлар, “Бас, Биз Қиёмат Кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун ҳеч қандай вазн-қиймат бермасмиз”, оятини ўқинглар”, дедилар.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтди: “Қиёмат Кунида айрим одамлар шундай амаллар билан келадиларки, уларнинг наздида ўша амаллари катталик жиҳатидан Туҳома тоғига баробар бўлади. Уларни тортиб кўрганларида эса, ҳеч қандай тош босмайди. Оллоҳ таоло айтган Сўзнинг маъноси мана шудир”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: “(Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз”. (Фурқон сураси, 23-оят).
Бас, маълум бўладики, Ёлғиз Оллоҳга иймон келтирмасдан туриб қилинган ёки Ягона Оллоҳни кўзламасдан хўжакўрсинга қилинган ҳар қандай яхши амал ҳам худди ҳавода учиб юрган чанг-тўзон каби фойдасиздир. Шу боисдан бут-санамлар йўлида қилинган ёки яхши ном чиқариш учун риёкорлик билан қилинган «савоб иш»ларнинг эгалари учун Қиёмат Кунида бирон ажр-мукофот бўлмас.
106. Ана шундай. Кофир бўлганлари ҳамда Менинг оятларимни ва пайгамбарларимни масхара қилганлари сабабли, уларнинг жазолари жаҳаннамдир!
Яъни, кофирларнинг жаҳаннам жазосига гирифтор қилинишларига сабаб фақат уларнинг кофир бўлганлари эмас, ҳолбуки, ана ўша жиноятларининг ўзи уларнинг дўзахи бўлишлари учун етарли эди, балки у бад-бахт кимсалар Оллоҳга кофир бўлганларидан ташқари яна бошқа мудҳиш жиноятга ҳам қўл урдилар - улар Оллоҳ таоло нозил қилган Қуръони Азим ва бошқа Илоҳий Китобларни ҳамда У Зот юборган элчи ва пайғамбарларни мазах қилиб кулдиларки, бундай жиноятчиларининг жазолари ҳеч шак-шубҳасиз жаҳаннамдир.
Ҳадиси шарифда: “Албатта Қиёмат Кунида одамларни масхара қилиб кулгувчи кимса ғам-ҳасратда турганида жаннатдан бир эшик очилади-да, “Кел-кел”, дейилади. У ўзининг ғам-ҳасрати билан чопиб етиб келганида эшик ёпилиб қолади. Бу иш тинимсиз такрорланаверади, такрорланаверади, ҳатто у кимсага жаннатдан бир эшик ҳақиқатдан ҳам очилиб, унга “кел-келақол”, дейилганида, у мени масхара қилиб устимдан кулишаяпти, деб у эшикка бормайди”, дейилади. Агар одамларни масхара қилиб устларидан кулиб юрувчи кимсанинг Охиратдаги ахдоли мана шу бўлса, яъни, жаннатдан маҳрум қилинса, у ҳолда Оллоҳ таолонинг оятларини масхара қилган, Унинг элчи-пайғамбарларининг устидан кулган кимсаларнинг жазоси албатта жаҳаннам бўлишида ояти каримада айтилгани-дек ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. (Байҳақий ривоят қилган).
107-108. Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар учун Фирдавс жаннатлари манзил бўлур. Улар, ўша (жаннатларда) мангу қолгувчидирлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар.
Юқоридаги оятларда кофир ва мушрикларнинг Охират диёрида бориб тушадиган “меҳмонхоналари” ловуллаб ёниб турган жаҳаннам эканлиги ҳақида хабар берилгач, энди ушбу оятларда ҳаёти дунёдан иймон ва солиҳ амаллар билан ўтган кишиларнинг борар манзиллари шак-шубҳасиз, Фирдавс жаннатлари бўлиши, улар ўша жаннатларда мангу яшашлари ва у жойлардан бошқа бирон жойга кўчишни хоҳламасликлари аниқ эканлиги таъкидланади.
Демак, дунё ҳаётида иймон билан, солиҳ амаллар билан яшаб ўтган ва Оллоҳ таолонинг Фазлу Инояти билан жойлари жаннатдан бўлган инсонлар у жойда бирон қийинчилик-машаққат кўрмайдилар, ҳеч нарсага муҳтож бўлмайдилар, ҳеч қандай алам, оғриқ ва хасталикни билмайдилар ва энг муҳими улар ҳеч қачон ўлмайдилар: «У зотлар (жаннатларда) абадий қолгувчидирлар».
Бу оятда дунё бахт-саодати билан Охиратдаги жаннатнинг фарқи ифодаланган: эҳтимол, бу дунёда ҳам жаннатдек боғларда турли ноз-неъматлардан баҳраманд бўлиб, покиза умр йўлдошлари билан бахтиёр умр кечираётган кишилар кам эмасдир. Лекин бу бахтли ҳаётнинг биргина нуқсони борки, у ҳам бўлса бир куни тугаб қолишидир. Жаннатнинг фазилатларидан бири унинг боқийлигидир. Фақат бу боқий ҳаётга етиш учун фоний дунёда иймон-эътиқод билан яхши амаллар қилиб яшаш шартдир.
“Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қачон сизлар Оллоҳ таолодан жаннат сўраб дуо қилсангизлар, Фирдавс жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг энг олийси ва жаннатнинг энг ўртасидир. Жаннат дарёлари ҳам ўша Фирдавс жаннатидан отилиб чикур”.
Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннатда юз даража - қават бордир. Унинг ҳар бир даражаси ўртаси осмон билан Ернинг ўртасига баробардир. Фирдавс жаннатнинг энг олий даражасидир. Унинг устида Арши аъло турур. Жаннатнинг тўрт дарёси ҳам ўша Фирдавсдан отилиб чиқур. Бас, сизлар қачон Оллоҳ таолодан сўрасангизлар, Фирдавсни сўранглар”. (Аҳмад ва Термизий ривояти).
109. Айтинг: «Агар барча денгиз Парвардигоримнинг Сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирган тақдиримизда ҳам, Парвардигоримнинг Сўзлари (ёзилиб) битишидан илгари, албатта у денгизлар тугаб битар!»
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтди: “Қурайшликлар яҳудларга: “Сизлар бизга у кишидан (яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саламдан) сўрашимиз учун бирон нарса беринглар дейишганида яҳудлар: “Ундан руҳ ҳақида сўранглар”, дедилар. Бас, улар сўраган эдилар, “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан руҳжон ҳақида сўрайдилар. Ай-тинг: «Руҳ Парвардигоримнинг ишидандир». Сизларга илмдан ўта оз нарса берилди” (Ал-Исро сураси, 85-оят) ояти нозил бўлди. Ушбу ояти каримани эшитган яҳудлар: “Бизга жуда кўп илм берилган, бизга Таврот берилган. Кимга Таврот берилган бўлса, аниқки, унга жуда кўп яхшилик берилгандир”, дейишганида, ушбу “Айтинг: «Агар барча денгиз Парвардигоримнинг Сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Парвардигоримнинг сўзлари битишидан илгари, у денгизлар тугаб битар!” ояти нозил бўлди. (“Тафсири Мушшр”дан).
Мана бу ояти карима ҳам ушбу оят мазмунини таъкидлайди: “Агар Ер юзидаги бор дов-дарахт қаламлар бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг яна етти денгиз ёрдамга келса, Оллоҳнинг сўзлари тугаб-битмас. Албатта Оллоҳ Қудрат ва Ҳикмат Эгасидир”. (Луҳмон сураси, 27-оят).
Ушбу улуғ оятлар мазмунидан аниқ маълум бўладики, агар фаразан бирон кимса Оллоҳ таолонинг Сўзларини, Илмини, Ҳикматларни, бандалардан сир қилиб яшириб қўйган ғайбий маълумотларини қоғозга туширмоқчи бўлса ва Ер юзидаги бор денгиз-дарёлар сувини яна ўшанинг мислича сув топиб, барчасини сиёҳга айлантирса ҳамда Ердаги бор дов-дарахтларни кесиб, майдалаб қалам қилиб олса ҳам у сиёҳ ва қаламлар тугаб битар, аммо Оллоҳнинг Сўзларини ёзиб битира олмас. Бу мазмун Бақара сурасида, оятал-Курсийда ҳам айтилган: “Ва улар У Зотнинг илмидан фақат Унинг Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар”. Дарҳақиқат, ҳар бир нарсани Билгувчи Оллоҳ таолонинг чексиз ва тубсиз Илми олдида Ер-у кўкдаги инсон ва фаришталарнинг билганлари ҳеч нарса билмаган билан баробардир. “Улар айтдилар: «Эй Пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен Ўзинг Илму Ҳикмат Соҳибисан». (Бақара сураси, 32-оят). “Оллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?», деб сўрайдиган Кунда, улар: «Биз билмаймиз. Фақат Сенинг Ўзинггина ғайб илмларининг Билгувчисисан», дейдилар. (Моида сураси, 109-оят).
Оллоҳ таолонинг Илми билан бандаларнинг билганлари ўртасидаги нисбат тўғрисида ҳазрати Ҳизир алайҳис-саломдан ибратли бир ривоят бор. У зот Мусо алайҳис-саломга денгизда кетаётганларида кема четига келиб қўниб, сувга тумшуқ солган чумчуқни кўрсатиб: “Мана шу парранда ҳозир олган бир томчи сув бу тубсиз уммондан ҳеч нарса камайтира олмайдиган даражада оз ва арзимас бўлганидек, аввалу охир барча инсониятнинг билими Оллоҳ таолонинг Илми олдида тубсиз денгиздан бир томчи каби жуда ҳам оздир”, деган экан.
110. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир башардирман. Менга Илоҳингиз Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини Ёлғиз Оллоҳ учун қилсин)».
Яъни, Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз қавмингизга шундай деб айтинг: “Албатта мен ҳам худди сизларга ўхшаган башар авлодиданман, фаришта эмасман ёки бирон илоҳий сифатга эга эмасман. Мен фақат Оллоҳ таоло менга билдирган нарсанигина билурман. Сизлардан менинг биргина фарқим - Оллоҳ таоло мени Ўзининг Элчиси қилиб танлади ва менга ваҳий қилмоқдаки, сизларнинг Илоҳингиз бирон тенги ва шериги бўлмаган Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Демак, сизлар фақат ана ўша Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таологагина ибодат қилишларингиз лозим. Бас, ким Қиёмат Кунида Оллоҳ таолони кўришни ва Унинг Раҳматига эришишни умид қилса, у ҳолда ҳолисанлиллоҳ солиҳ амал қилсин ва ибодатида У Зотга бирон кимсани шерик қилиб қўймасин, яъни, ибодатида ҳаргиз риё ва сумъага йўл қўймасин - эл кўрсин ва эл эшитсин деб амал қилмасин, чунки риё кичик ширкдир”.
Ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ушбу оят Жундуб ибн Зуҳайр Омирий ҳақида нозил бўлган. У: “Ё Расулуллоҳ, албатта мен Оллоҳ таоло учун амал қиламан ва Ёлғиз Унинг Юзини кўзлайман, фақат мана шу қилган амалимдан одамлар хабардор бўлсалар, бу мени хурсанд қилади”, деган эди, Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳ таоло Покдир ва У фақат покиза амалларни қабул қилур, ширк келтирган (яъни, ҳам Оллоҳ таоло учун, ҳам одамлар учун қилинган) амалларни қабул қилмас”, дедилар ва ўша онда ушбу оят нозил бўлди”. (“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунийр” китобларидан).
Ибодатда риёкорлик қилиш Оллоҳ таолога ширк келтириш билан баробар эканлиги ҳақида ушбу ояти каримага тафсир бўлиб кўплаб ҳадислар ворид бўлганки, уларни билишимиз бизларни ўша мудҳиш иллатдан сақланишимизга сабаб бўлади иншооллоҳ.
Уббода ибн Нусай розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: “Мен Шаддод ибн Авснинг олдига борсам, у жойнамози устида йиғлаб ўтирарди. “Сени нима йиғлатди, эй Абу Абдур-Раҳмон”, деган эдим, у: “Мен Русулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадис”, деди ва давом этди: “Бир куни у зотнинг юзларидаги хафаликни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам Сизга фидо бўлсин, мен юзингизда нени кўрмоқдаман?” деган эдим, у зот: “Мендан кейин умматим устига бир иш келиб қолмаса, деб кўрқмоқдаман”, дедилар. Мен: “У қандай иш, ё Расулуллоҳ?” деб сўраган эдим, “Ширк”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, Сиздан кейин умматингиз мушрик бўлиб кетадиларми?” дедим. Айтдилар: “Эй Шаддод, албатта улар қуёшга, ё ойга, ё тошга, ё бутларга сиғинмайдилар, лекин уларнинг риё учун амал қилишларидан қўрқаман”. “Риё ширкми?” деган эдим, “Ҳа”, дедилар”.
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. У айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким эшиттирса, Оллоҳтаоло уни эшиттириб қўяди, ким кўрсатса, Оллоҳ таоло уни кўрсатиб қўяди (яъни, ким одамлар эшитсин деб амал қилса, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида уни ҳаммага эшиттириб шарманда қилади, ким эл кўрсинга ибодат қилса, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида уни ҳаммага кўрсатиб шарманда қилади)”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
“Шарҳус-сунна”да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларнинг устингизда энг кўп қўрқадиган нарса кичик ширкдир”, дедилар. Саҳобалари: “Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?” деб сўраган эдилар, “Риё” дедилар.
Оллоҳ таоло ушбу оят ва ҳадисларни ўқиб-ўрганган барча мўминларни ҳар қандай ширкдан Ўз паноҳида асрагай.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳтаолонинг тавфиқ ва мадади билан Каҳф сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.