Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, бир юз йигирма саккиз оятдир. У Қиёмат Соати яқинлашиб қолгани ҳақида хабар бериш билан бошланади. Сўнгра Оллоҳ таоло Ўзинииг Якка-Ёлғиз экани, Ердаги жонли-жонсиз бутлар Унга шерик бўлолмасликлари хусусида огоҳлантиради ва Еру осмонлар, денгизлар, тоғлар, водий ва воҳалар, осмондан тушиб Ерни кўкартираётган ёмғир, Ердан униб чиқиб, осмонга интилаётган наботот, денгизларда сузиб бораётган кемалар, кечаларда йўловчи мусофирлар учун маёқ бўлган юлдузлар ва хусусан бир томчи сувдан яралиб бутун борлиқдан азиз ва мукаррам бўлган инсон - буларнинг барчаси бир Доно ва Билимдон Яратгувчи Зот борлигига далолат қилиб туриши тўғрисида уқтирилади. Сўнгра Оллоҳ таоло ато этган беҳисоб неъматларнинг шукрини адо қилиш лозимлиги, куфрони неъмат қилган кўрнамак кимсаларнинг оқибати ҳалокат эканлигини баён қилувчи оятлар келади. Сура ниҳоясида Пайғамбар алайҳис-салом ва у кишининг умматларига Оллоҳнинг Динига илму ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат қилиш билан даъват этиш ҳамда бу даъват йўлида чекиладиган жабру жафоларга сабр-тоқат қилиш амр этилади. Бу сурада Ҳақ таолонинг ожиз ва мўъжиз махлуқи бўлмиш асалари хусусида, унинг ибратли ҳаёт тарзи ҳақида ҳикоя қиладиган оятлар ҳам ўрин олгани учун у “Наҳл” - “Асалари” сураси деб аталгандир. Ушбу сурайи каримада Оллоҳ таоло бандаларига ато этган яна бошқа кўпдан-кўп неъматлар ҳам зикр қилингани учун у “Неъматлар сураси” деб ҳам аталади.
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1. Оллоҳнинг Амр-Фармони (яъни, Қиёмат) келиб қолди. Бас, сизлар (эй мушриклар), уни шоштирмай қўя қолинглар. (Оллоҳ) уларнинг ширкларидан Пок ва Юксак бўлган Зотдир.
Мазкур оят Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилишиб: «Эй Муҳаммад, сен бизларни қўрқитаётган Қиёмат рост бўлса, келсинчи, кўрайлик», деганларида нозил бўлган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Қачонки Оллоҳ таолонинг (Қиёмат) Соати яқинлашди” ояти (Қамар сураси, 1-оят), нозил бўлганида, Макка мушриклари бир-бирларига: “Бу (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) Қиёмат яқинлашди, деб даъво қилмоқда, сизлар нима бўлишига қараб, баъзи бир ишларингизни тўхтатиб туринглар”, дейишди. Энди қачонки устларига Қиёмат келганини билдирадиган воқеа-ҳодисалар тушмагач: “Ҳеч нарсани кўрмаяпмиз”, дейишди. Шунда “Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни, Қиёмат Соати) яқинлашиб қолди. Улар эса гафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгиргувчидирлар” (Анбиё сураси, 1-оят)” ояти нозил бўлиб, мушриклар яна қўркувга тушдилар. Энди қачонки ҳеч нарса содир бўлмай кунлар ўтавергач, улар яна: “Эй Муҳаммад, бизлар сен бизни қўрқитаётган бирон нарсани кўрмаяпмизку”, деб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилишди. Бас, Оллоҳтаоло ушбу: “Оллоҳнинг Амр-Фармони (яъни, Қиёмат) келиб қолди”, оятини нозил қилган эди, Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам ўринларидан сакраб турдилар, одамлар ҳам Қиёмат ростдан келди шекилли, деб ўйлаб бошларини кўтаришди. Шунда оятнинг давоми: “Бас, сизлар (эй мушриклар), уни шоштирмай қўя қолинглар”, жумласи нозил бўлди ва одамлар тинчландилар”. (Воҳидийнинг “Сабабун-нузул” китобидан).
Ушбу оят нозил бўлганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатгич ва ўрта бармоқларига ишора қилиб: “Мен Қиёмат Соати билан гўё мана бу иккиси каби (яъни, бир-биримизга яқин ҳолда) элчи қилиб юборилдим. У мендан ўзиб кетай деди, лекин мен ундан ўзиб кетдим”, дедилар. (Имом Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривоятлари).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилишлари Қиёмат Соатининг шартларидан - белгиларидан бўлди. Қачонки Жаброил алайҳис-салом Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга илк марта ваҳий келтирар экан, осмонлар аҳли бўлган малоикалар ёнидан ўтганида, улар: “Оллоҳу акбар! Қиёмат Соати келиб қолибдида”, дедилар”. (“Тафсири Бағавий”ва “Тафсири Қуртубий ” кшпобларидан).
“(Оллоҳ) уларнинг ширкларидан Пок ва Юксак бўлган Зотдир”.
Яъни, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло мушрикларнинг ширкларидан Покдир. Борлиқдаги жонли-ю жонсиз нарсалардан биронтаси Оллох таолога шерик бўла олмайди, чунки уларнинг барчаси маҳлуқлардир. Оллоҳтаоло эса, Холиқдир, бинобарин, Унинг ҳеч қандай шериги йўкдир.
У тенгсиз Юксак ва Танҳо Маъбуди Барҳақ, ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Оллоҳдир.
2. (Оллоҳ) Ўзи хоҳлаган бандаларига фаришталарни Ўз Амридан бўлган (шундай) ваҳий билан туширур: (“Эй пайғамбарларим, инсонларни) огоҳлантиринглар: ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Мен Ўзим бордирман. Бас, (барчаларингиз) Ёлғиз Мендан қўрқингиз!”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ояти каримадаги “руҳ билан” иборасини “ваҳий билан” деб тафсир қилади. Бу тафсирни бошқа бир оятда ҳам “руҳ” “ваҳий” маъносида келгани тасдиқлайди: “У Ўз Амри билан бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишига - токи у (инсонларни) мулоқот Кунидан (яъни, Қиёматдан) огоҳлантирсин учун руҳ - ваҳий туширар”. (Ғофир сураси, 15-оят).
Зажжож раҳимаҳуллоҳ эса: “Оятдаги “руҳ”дан мурод Ҳидоят - Тўғри Йўлдир. Чунки худди бадан руҳ билан тирик бўлганидек, қалблар Ҳидоят билан тирилур”, дейди. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Яна, ояти каримадаги “руҳ”дан мурод, Қуръондир. Бунга далил, мана бу ояти каримадир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз Амримиз билан Сизга Руҳни - Куръонни ваҳий қилдик”. (Шўро сураси, 52-оят).
Бу ўринда Оллоҳтаоло томонидан Қуръони Карим Руҳ деб аталишига сабаб, жасад жон билан тирик бўлгани каби Диннинг руҳи - жони Қуръондир, деган уламолар ҳам бордир.
Ояти карима мазмунидан маълум бўлишича, ваҳий Оллоҳнинг Амр-Фармонидир, у Амрни Оллоҳ таоло пайғамбарлик учун танлаган инсонларга етказадиган воситачи Оллоҳ таолонинг малоикаларидан бўлмиш Жаброил алайҳис-саломдир, пайғамбарлар зиммасидаги рисолат - вазифа эса, инсонларга Ер-у кўкда Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқлигини, ҳақиқий Маъбуди Барҳақ Танҳо Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло эканини айтиб огоҳлантириш ва Оллоҳнинг динини танитиб, таълим беришдир.
Оят ниҳоясида Ҳақ таоло барча инсонларга “Фақат Мендан қўрқингиз!”, деган Амри билан гўё: Кимда-ким Мен фаришталарим орқали Ўз элчи-пайғамбарларимга туширган Амрга итоат этмасдан Мендан ўзга бирон кимса ёки нарсага ибодат қиладиган бўлса, ундай кимса албатта Менинг азобимга гирифтор бўлишидан қўрқинглар!” деб огоҳлантиради.
3. У осмонлар ва Ерни Ҳақ (қонун) билан яратди. У (мушрикларнинг) ширкларидан Юксак бўлган Зотдир.
Албатта Оллоҳ таоло осмону замин ва улар ўртасидаги бирон нарсани беҳуда яратган эмасдир. Балки У Зот коинотдаги ҳар бир мавжудотни ҳак Қонун ва етук Ҳикмат билан яратиб, уларни Ўзининг Ердаги халифаси бўлмиш инсон манфаати учун бўйсундириб қўйди.
Шунингдек, У Зот борлиқдаги ҳар бир нарсага алоҳида сурат ва сийрат ато этиб, то Қиёмат амал қилиб ўтадиган ҳаёт қонунини белгилаб қўйди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабарлар келган: “Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. Биз уларни фақат Ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.” (Духон сураси, 38-39-оятлар). “Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах - ҳалокат бўлғай!” (Сод сураси, 27-оят).
“У (мушрикларнинг) ширкларидан юксак бўлган Зотдир”.
Албатта, Оллоҳ таоло мушрик кимсалар Оллоҳнинг шериги деб сиғинаётган бут-санамлардан бениҳоя Юксак бўлган Зотдир.
“Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, балки ўзи яратилувчи бўлган нарсаларни (Оллоҳга) шерик қиладиларми?!” (Аъроф сураси, 191-оят).
Қолаверса, ўша жонсиз бутлар устларига келиб қўнган чивинни ҳайдашга ҳам қодир эмасларку, уларнинг нимаси илоҳ бўлади?! “Эй инсонлар, бир масал айтилгандир, бас, унга қулоқ тутингиз! - Аниқки. сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам ҳатто бир дона чивинни ярата олмаслар, агар биронта чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни (ўша чивин-дан) қутқариб ҳам ола билмаслар. (Демак, ўша бутлардан ҳожатини раво қилишни) сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир”. (Ҳаж сураси, 73-оят).
4. (Оллоҳ) инсонни нутфадан - бир томчи сувдан яратди. Сўнг баногоҳ (инсон) очиқдан-очиқ рақибга айланиб олди.
Бу оятда қайта тирилиш ҳақ эканлиги очиқ мантиқ билан исботланмоқда - яъни, бир томчи сувдан шундай гўзал хилқатли инсонни яратишга Қодир бўлган Оллоҳ таоло ўша инсоннинг жонсиз жасадига қайтадан жон ато этишга қодир эмасми?! Инсон эса ўзининг нимадан яратилгани-ни унутиб Яратганга қарши хусумат қилиб юрибди.
Одам ва Ҳавводан тарқаган жамийки инсонларни бир томчи хакир нутфадан яратишга Қодир бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ўша инсонлардан биронтаси қарши туриши, яъни, У Зот айтган: “Сизларнинг ҳар бирингизни Қиёмат Кунида қайтадан тирилтириб, ҳисоб-китоб қилурман”, деган сўзини инкор қилиши ҳеч қандай мантиққа тўғри келмаслигига далил бўлган ушбу ояти карима нозил қилинишига, Воқидий ўзининг “Асбобун-нузул” китобида ривоят қилишича, Макка мушрикларидан Убай ибн Халаф Жуҳаний Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва сал-ламнинг олдиларига бир чириб кетган суякни кўтариб келиб: “Эй Муҳаммад, сен Оллоҳ мана бу чириган суякни ҳам қайта тирилтиради, деяпсанми”, дегани сабаб бўлган. (“Тафсири Қуртубийдан).
У кимса ҳақида Ёсин сурасида ҳам айтилгандир: “У Бизга “Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?”, деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди!” (Ёсин сураси, 78-оят).
5. У Зот яна чорва молларини ҳам яратди. Сизлар учун уларда иссиқлик ва (бошқа) манфаатлар бордир. Сизлар улар(нинг гўшт-сут-ёғлари)дан фойдаланурсизлар.
Юқоридаги ояти каримада инсон ва унинг қай тариқа дунёга келгани зикр қилингач, энди ушбу ва қуйидаги оятларда ўша инсон учун фойдали озуқа, иссиқ кийим-бош ва беминнат дастёр бўлсин деб яратилган чорва моллари ҳамда уй ҳайвонлари ҳақида сўз боради.
Дарҳақиқат, анъом - туя, мол, қўй ва эчкилар, агар уларга ибрат назари билан боқсак, тўласича фақат инсон манфаати учун яратилганига гувоҳ бўламиз. Уларнинг гўшт-ёғ ва сути инсонлар учун тўйимли таом, тери, юнг ва тивити совуқдан асрагувчи иссиқ либос, жунидан тайёрланган кигиз палос ва ўтов-бошпана бўлгани каби, агар уларни боқиб-кўпайтириладиган бўлса туганмас бойлик, қўшга қўшилса, миниладиган бўлса ёки юк ортилса чидамли ва беминнат дастёр, ҳатто уларнинг чиқиндилари ҳам ерни серҳосил қиладиган фойдали ўғитдир.
Бу жониворлар, холис инсон манфаати учун яратилган бу неъмати Илоҳийя хусусида бошқа оятларда ҳам айтилган: “Ахир ўша (мушриклар) Биз улар учун Ўз Кулимиз билан қилган нарсаларни - чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни - кўрмадиларми?! Мана улар ўша (ҳайвон)ларга эгадирлар. Биз ўша (ҳайвон)ларни уларга бўйсундириб қўйганмиз. Ана уларнинг минадиган нарсалари ҳам ўша (ҳайвон) лардандир, ейдиган (таом)лари ҳам ўшалардандир. Яна улар учун ўша (ҳайвон)ларда (турли) фойдалар ва ичимлик (сут-қаймоқ)лар бордир. Ахир шукр қилмасларми?!” (Ёсин сураси, 71-73-оятлар).
6. Сизлар учун уларни кечқурун ўтлоқдан қайтараётган ва тонгда ўтлоққа ҳайдаётган пайтингизда бир чирой - файз бордир.
Яъни, эй инсонлар, сизлар учун чорва молларингизда юқорида зикр қилинган ҳар турли манфаатлардан ташқари яна кўрган одамларнинг ҳавасини келтирадиган, сизларнинг эса қалбларингизга роҳат-шодлик бахш этадиган бир чирой - файз бордир. Сизлар молларингизни намозгар пайтида ўтлоқларидан уй-қўраларига қайтариб келаркансизлар, уларнинг семириб, биқинлари чиқиб, елинлари сутга тўлиб тизилиб келишлари, эрта тонгда эса, яна ўтлоққа жўнатар экансизлар, улар итоаткорлик билан ўзлари ҳам тўйиб, сизларга ҳам ризқи рўз келтириш учун кўчаларни тўлдириб кетишлари қандай гўзал, қандай чиройли.
7. Шунингдек, улар сизлар жонларингизни қийнаб, зўр-базўр (машаққат билан) етадиган юртларга юкларингизни элтиб берур. Албатта Парвардигорингиз Меҳрибон ва Раҳмлидир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло чорва молларидан хусусан туянинг инсонлар учун қиладиган ўта фойдали ва беминнат хизматларидан бирини эслатиб, бу ҳам Парвардигорнинг бандаларга бениҳоя Меҳрибон ва Мархаматли Зот эканини кўрсатадиган яна бир очиқ ҳужжат эканини таъкидлайди.
Умуман, барча чорва ҳайвонлари ҳам Оллоҳ таолонинг бандаларига ато этган улкан неъматларидан эканини эслатадиган оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келиши албатта беҳикмат эмасдир: “Албатта сизлар учун чорва молларида ҳам ибрат бордир - Биз сизларни уларнинг қорнидаги сут билан суғорурмиз, яна сизлар учун уларда (юнгларидан кийимлар тўқиш, миниш каби) кўп фойдалар бордир, шунингдек улар(нинг гўшт-ёғлари)дан ейсизлар. Яна уларнинг устида ва (дарё-денгизларда эса) кемаларда юк ташийсизлар.” (Мўминун сураси. 21-22-оятлар). “Оллоҳ сизлар учун чорва ҳайвонларини (токи) сизлар ўша (ҳайвон)лардан (айримларини) минишларингиз учун (пайдо) қилди. Ўша (ҳайвон)лардан ейсизлар ҳам. Сизлар учун уларда (кўп) фойдалар бордир. (У ҳайвонлар) сизлар уларнинг устида дилларингиздаги ҳожатларингизга етишларингиз учун ҳам (яратилгандирлар Сизларни (қуруқликда) ўша (ҳайвонлар) устида ва (дарё-денгизларда эса) кемаларда (кўзлаган манзилларингизга) элтиб қўйилур. (Оллох сизларга Ўз оят-аломатларини кўрсатур. Бас, сизлар Оллоҳнинг қай си оятларини инкор қилурсизлар?!” (Ғофир сураси, 79-81-оятлар).
“Ахир улар туянинг қандай яратилганига боқмайдиларми?!” Ғошия сураси, 17-оят).
Дарҳақиқат, саҳро аҳли учун туя ҳам алоқа воситаси, ҳам оғир юкларни ташувчи ва оғир вазифаларни бажарувчи хизматкор; унинг юнги кийим бўлса, сути тўйимли ва суюмли таом. У ўзи баҳайбат ва ниҳоят даражада бақувват бўлишига қарамасдан ёш гўдак етакласа ҳам бўйсуниб кетаверади. Унга миниш ёки вазмин юкларни ортиш ўта қулай: бир ишора билан олдингизга чўкиб, гўё бир харсанг тошдек қилт этмасдан туради, миниб олгач эса яна бир ишора билан у «харсанг тош» ўрнидан кўчиб, исталган тарафга равона бўлади. Булар туянинг ташқаридан кузатилган пайтда кўзга ташланадиган жиҳатларидир. Энди унинг вужудига ибрат назари билан қаралса, у ойлаб овқатсиз, сувсиз юра олишидан тортиб, унинг баданидаги ҳар бир аъзо нақадар саҳрога мослаб яратилганини кўриб Яратганнинг Қудратига лол қолмай илож йўқ.
8. Яна У Зот отларни, хачирларни ва эшакларни сизлар минишингиз учун ва зийнат қилиб (яратди). Яна У сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур.
Ояти кариманинг аввалги жумласи тафсирида уламолар ўртасида ихтилоф бор: “Ибн Аббос, Абу Ҳанифа ва Молик ибн Анас розияллоҳу анҳум: “Ушбу оят от ҳам хачир ва эшак каби гўшти ейилиши дуруст бўлмаган жонивор эканлигига ҳужжатдир. Чунки Ҳақ таоло аввалги оятларда зикр қилинган чорва молларини ейиш учун яратганини айтгани ҳолда бу оятда от, хачир ва эшакни алоҳида зикр қилиб, бу ҳайвонларни одамлар минишлари учун, шунингдек уларнинг ҳаётларига бир кўрк-зийнат бўлсин деб яратганини таъкидламоқда. Демак, аввал мазкур бўлган жониворлар ейиш учун, булар эса фақат миниш учун яратилгандир”, дейдилар. Ҳатто Ҳакам ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ: “Ушбу оят от гўштини ейиш ҳаром эканлигига далилдир”, деб очиқ айтади. Аммо Ҳасани Басрий, Шурайҳ, Ато, Саид ибн Жубайр ва яна бошқа уламолар (уларнинг ичида имомимиз Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг шогирдлари Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан ҳам борлар) эса: “Ушбу ва юқоридаги оятлар қайси ҳайвонларнинг гўшти ҳалол, қайсиларининг гўшти ҳаром эканини баён қилиш учун эмас, балки Оллоҳ таоло бандаларига ато этган неъматларни таърифлаш ва У Зотнинг Қудрати нақадар улуғлигини танитиш учун нозил қилингандир”, дейдилар ва от гўштини истеъмол қилиш дуруст эканлиги ҳақида ворид бўлган мана бу саҳиҳ ҳадисларни далил сифатида келтирадилар: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар ғазотида эшак гўштини ейишдан қайтардилар ва от гўштини ейишга рухсат бердилар”. (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривоят қилганлар).
Насоий тарафидан қилинган бошқа бир ривоятда эса, Жобир розияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар кунида бизларга от гўштини едирдилар ва эшак гўштини ейишдан қайтардилар”.
Қуртубий ўз тафсирида айтади: “Агар кимдир Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган воқеа Хайбар жангида аскарларнинг озиқ-овқатлари тугаб қолиб ўта ночор аҳволга тушганлари сабабли зарурат юзасидан берилган рухсатдир. Шунинг учун мазкур ҳадис ҳамма вақт ҳам от гўштини ейиш дуруст эканлигига далил бўлмайди, дейдиган бўлса, у ҳолда Оиша розияллоҳу анҳонинг сингиллари Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шариф сўзимизга далил бўлар: Асмо айтди: “Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам замонларида, Мадинада эканмиз, бир отни сўйиб еган эдик”. (Бухорий, Муслим, Ибн Можжа ва бошқалар ривоят қилганлар).
Бизга замондош муфассирлар ушбу оятдаги: «Яна У сизлар билмайдиган нарсаларни ҳам яратур» жумласини Қуръон нозил бўлган даврда мавжуд бўлмай, кейин илм-фан тараққий этиши билан кашф қилинган сайёра - машина, қитор - поезд, тайёра - самолёт ва бошқа бизлар ҳали билмайдиган, бундан кейин кашф қилинадиган нақлиёт - транспорт воситалари, деб тафсир қиладилар.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида мазкур жумла тафсирида шундай дейилади: Субҳоналлоҳ, қисқа бир жумлада олис келажакда илм-фан тараққиёти натижасида содир бўладиган кашфиёт - ихтиролар хусусида бу тарзда хабар берилиши нақадар гўзал! Агар Қуръони Азим ўша замонда ҳали келажакда фазо кемалари, ўзи юрар аробалар яратилиши хусусида ва одамлар учоқларда осмону замин ўртасида учиб юришлари ҳақида хабар берганида эди, албатта эшитганлар бундай фавқулодда хабарни дарҳол инкор этишга ва Қуръонни ёлғончи қилишга шошган бўлар эдилар! Шунинг учун ҳам Каломуллоҳ уларнинг ақлий ва фикрий даражаларини эътиборга олиб ниҳоят даражада ҳикматли услуб билан: “Яна У (яъни, Оллоҳ таоло) сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур”, деб хабар берди ва бу Илоҳий Хабар ҳақ эканини вақт-замонлар ўтган сайин одамлар ўз кўзлари билан кўрмоқдалар. Ушбу услуб билан Ҳақ таоло одамларга уларнинг ақлий имкониятларини инобатга олиб сўзлаш лозимлигини таълим беради. Алий каррамаллоҳу важҳахунинг: “Одамларга уларнинг ақллари бовар қиладиган тарзда сўзланглар. Ёки сизлар Оллоҳ ва Унинг Элчиси ёлғончи қилинишини хоҳлайсизларми?!” деган сўзлари ҳам айни мазмундадир.
9. Тўғри Йўл(ни баён қилиш) Ёлғиз Оллоҳ зиммасидадир, (Зотан. йўллар) орасида эгриси ҳам бордир. Агар (Оллоҳ) хоҳлаганида сиз ларнинг барчангизни (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилган бўлур эди. (Лекин У Зот сизларга қайси йўл тўғри ва қайси йўллар эгри эканини кўрсатиб, қай бир йўлни танлаш ихтиёрини ўзларингизга кўйиб берди ва ақл-идрок билан Тўғри Йўлни танлаб олган бахтли бандаларини Ўз Хоҳиш-Иродаси билан Ўша Ҳақ Йўлга хдцоят этишни ваъда қилди, эгри йўлларни танлаган кимсалар эса, ҳар икки дунёда бахтсиз бўлиб, ўзларига зиён қилишлари тўғрисида хабар берди).
Ояти карима тафсирида “Маолимут-танзил” ва “Ал-Жомиъ лиаҳко-мил-Қуръон” тафсирларида мана бу барча бандаларни фақат Тўғри Йўлга тобеъ бўлишга даъват қилгувчи оят келтирилибди. Зотан, Қуръоннинг энг яхши тафсири Қуръоннинг ўзидир: “Албатта мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, Унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг Йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангизлар, деб (Оллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”. (Анъом сураси, 153-оят).
Ушбу ояти карима тафсирида кўп ҳадислар ворид бўлган. Муҳаддис уламолар Таёлисий, Аҳмад, Дорамий ва бошқалар ривоят қилган бир саҳиҳ ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга бир тўғри чизиқни чиздиларда: “Мана шу Оллоҳнинг Йўлидир”, дедилар. Сўнгра у чизиқнинг ўнг ва чап тарафларига бир неча чизиқлар чиздилар ва: “Мана булар ҳам йўллар. Аммо бу йўллардан ҳар бирининг бошида бир шайтон туриб олиб унга чақириб туради”, дедилар ва ушбу оятни ўқидилар”.
Табарий “Одобун-нуфус” китобида ривоят қилишича, бир киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Тўғри Йўл ҳақида сўраганида у зот: “Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам бизга қолдириб кетган йўл Тўғри Йўлдир. Биз бу Йўлнинг бошида турибмиз. Унинг поёни жаннатдадир. Аммо бу Йўлнинг ўнг ва чап томонида ҳам кўп йўллар бордир. У йўллар бошида туриб олган кишилар ўтган одамни ўша ўзларининг йўлларига чақирадилар. Бас, ким у йўлларга юрса, улар ўша кимсани дўзахга олиб боради. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам қолдириб кетган Тўғри Йўлга юрган кишини эса у Йўл жаннатга олиб боради”, деди.
Ибн Можжа ва бошқалар Ирбоз ибн Сория розияллоху анхудан ривоят қилдилар. У айтди: “Бир куни Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бизга шундай мавъиза қилдиларки, ундан таъсирланиб йиғламаган кўз, кўркувга тушмаган дил қолмади. Шунда биз: “Ё Расулуллоҳ, ахир бу видолашувчининг сўзи-ку! Бизга қандай васиятингиз бор?” деганимизда, айтдилар: “Мен сизларни туни ҳам кундузидек оппоқ - ёруғ Йўл устида қолдирмоқдаман. Мендан кейин ким бу Йўлдан тойилса, ҳалок бўлади. Сизлардан ким ҳаёт бўлса, ҳали кўп ихтилофларни кўради. Бас, ўша кунларда сизлар менинг суннатим - тутган йўлимдан ва мендан кейинги Тўғри Йўл устидаги Хулафойи Рошидин (яъни, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳум) тутган йўлдан аниқ билган - ўрганган нарсаларингизни маҳкам ушланглар, озиқ тишларингиз билан тишланглар (яъни, ҳеч ажралманглар)! Кейин пайдо бўладиган бидъат-хурофотлардан узоқ бўлинглар! Чунки ҳар қандай бидъат залолат - адашишдир.
Агар устларингизда қоп-қора қул раҳбар бўлса-да, итоатни маҳкам тутинглар! Чунки ҳақиқий мўмин ўзларидан бўлган раҳбарга у қаёққа етакласа, бамисоли ювош туядек бўйсунган кишидир”. (Тафсири Куртубийдан).
10. У осмондан сув туширган Зотдир. Сизларнинг ичимлигингиз ундандир. Сизлар (ҳайвонларингизни) боқадиган дов-дарахтлар (ўт-ўланлар) ҳам ўша (сувдан ичар).
Энди Оллоҳ азза ва жалланинг яна бир неъмати Илоҳийяси зикр қилинади. У сув неъматидир. Жонли-жонсиз барча мавжудот муҳтож бўлган сув ҳам осмондан тушишининг ўзи буюк мўъжизадир. Ҳақ таоло бошқа бир оятида ҳам сув, уни кўтариб турган булут ва булутни ҳайдаб юрган шамол ҳақида айтган: “ва Оллоҳ осмондан туширган - сўнг у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бор жонзотни (Ер юзига) тарқатиб - ёйиб юборган - сув деган неъматда” - унинг оби ҳаёт эканлигида, барча тирик жон у сабабли дунёга келишида, Ер юзи у билан обод бўлишида, ўлик Ерни тирилтиргани каби тирик жонзотларни, жумладан инсонларни Оллоҳ белгилаб қўйган соатгача ўлмай яшашлари учун ўша сув тириклик манбайи эканлигида, денгиз-дарёлардан буғ ҳолида кўкка кўтарилганидан кейин осмонда сувга айланишида, сўнгра қор, дўл, ёмғир суратида буюрилган жойларга ёғиб, ўлик Ерни тирилтиришида, бу оби ҳаёт ўша буюрилган жойларга етиб бориши учун хизмат қиладиган, Яратганнинг лашкарларидан бўлмиш “шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда” - бу шамоллар ва булут тўғри келган жойга эмас, балки, фақат Ҳақ таоло амр қилган тарафга қараб юриб, Яратганга итоат этишида - мана шу юқорида зикр қилинган, ҳар бир инсоннинг кўз ўнгида рўй бераётган ажойиботда, Оллоҳ таолонинг бениҳоя Қудратли, Ҳикматли ва бандаларига Меҳрибон Зот эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турган мана шу мўъжизаларда, албатта, ақлли кишилар учун оятлар - Оллоҳнинг Борлигига, Бирлигига, Қудратига, Ҳикматига ва бандаларига нақадар Меҳрибон Зот эканига ёрқин далил бўладиган аломат-лар бордир.
Ушбу ояти каримада ҳам Ҳақ таоло бандалари учун ризқ бўлсин деб. ўлиб колган ерни тирилтириш ва сўлиб қолган гиёҳларни гуллатиб-яшнатиш учун осмондан сув-ёмғир туширганини зикр қилади ҳамда одамлар ичадиган сув ҳам, улар мол-ҳолларини боқадиган ўтлоқлар суғориладиган сув ҳам ана ўша, Оллоҳ таоло осмондан ёғдирган ёмғирдан эканини яна бир бор эслатади. Қуйидаги оятларда инсонлар учун сув деган неъматниннг яна қандай манфаатлари борлиги зикр қилинади -
11. У Зот сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмю, узум ва барча меваларни ундириб-ўстирур. Албатта бу нарсада (яъни, бир хил сув ёрдамида рангу рўйи, таъму лаззати бошқа-бошқа бўлган мева-чеваларнинг униб-ўсишида) тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир.
Дарвоқеъ, оёғимиз остидаги Ерга ибрат назари билан боқайлик, ақл юритайлик. Нега бир ердан, бир хил сув ичиб чиқаётган экинлар, меваларнинг суратлари - кўринишлари бу қадар хилма-хил, таъму мазалари мутлақо бир-бирларига ўхшамайди - бири тотли, бири аччиқ, бири ширин, бири нордон... Демак, гап Ер билан сувда эмас, балки Еру сувни ҳам, тоғ ва дарёларни ҳам, қуёш ва ойни ҳам Эгаси бўлган Оллоҳтаолонинг Қудрат ва Иродасида, Еру осмондаги барча нарсани инсон зотига хизматкор қилиб қўйган Илоҳий Меҳрида, Марҳаматида экан.
“Бу Ерда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак (яъни, бири унумдор бўлса, бири шўр ерлар), узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаб кетган-шохламаган хурмолар бўлиб, (уларнинг ҳаммаси ҳам) бир сув билан суғорилур. (Лекин) Биз уларнинг айримларидан айримларини таъмлироқ-ейишлироқ қилиб қўюрмиз. Албатта бунда ҳам ақл юргизадиган қавм учун (Оллоҳнинг Қудратига далолат қиладиган очиқ) оят-ибратлар бордир”. (Раъд сураси, 4-оят).
“У осмондан сув туширган Зотдир. Бас, у сув билан ҳар турли набототни чиқардик. Ундан эса гиёҳларни чиқардик. Ундан (гиёҳдан) устма-уст бўлган донларни (яъни, бошоқларни) чиқарурмиз. Хурмо новдаларидан (йиғиб-териб олгувчилар учун) яқин бошлар-ғужумлар (бўлур). Яна узумзор боғларни ҳамда (барглари) бир-бирига ўхшаган, (мевалари эса) ўхшамайдиган зайтун ва анорларни (чиқарурмиз. Эй инсонлар), уларнинг ҳар бирини мева туккан пайтидаги мевасига ва кейин пишган ҳолига боқинг! Албатта бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-мўъжизалар бордир”. (Анъом сураси, 99-оят).
Эътибор қилсак, ушбу ояти каримада аввал буғдой, арпа, шоли каби ҳамма муҳтож бўлган экин-тикинлар сўнг ҳам таом, ҳам мева ҳисобланган хурмо зикр қилиниб сўнгра узумзор боғлар ва зайтун, анор каби мева-чевалар айтилди. Уламолар айтишларича, мана шу Илоҳий тартибнинг ўзида ҳам Меҳрибон Оллоҳимиз осмондан ёғдирган оби раҳмати билан биринчи навбатда биз бандаларини кундалик озуқамиз бўлган дон-дун билан таъминлаб, сўнгра кўнгил тилаган мева ва бошқа ноз-неъматлардан баҳраманд қилишига нозик ишора бор.
“...(барглари) бир-бирига ўхшаган, (мевалари эса) ўхшамайдиган зайтун ва анорларни (чиқарурмиз)”.
Ушбу жумлада қавс ичида берганимиз изоҳлар Қатода розияллоҳу анҳунинг тафсиридир.
Бошқа муфассирлар жумлани янада гўзал тафсир қилганлар. Улар: “Оллоҳ таоло яратган турли-туман мевалардан қай бир навини олиб қараманг, суратлари бир-бирига ўхшайди-ю, аммо тотиб кўрсангиз таъм-мазалари тамоман бир-бирига ўхшамайди”, деганлар.
Дарвоқеъ, бу ҳақиқатдир ва бу ҳақиқат бир хил сув билан турли мевалар яратган, бир хил мевага турли таъмларни жо қилиб қўйган Холиқнинг нақадар буюк Қудрат Соҳиби эканига равшан далилдир.
Шунингдек, ҳар бир меванинг энди бош олган - ғўра бўлган пайтидаги таъми билан пишиб етилган вақтидаги мазаси мутлақо бир-бирига ўхшамайди, гўё иккиси икки хил мевага ўхшайди.
Бу ҳақиқатларни ҳар бир инсон бир умр кўриб-кузатиб туради, аммо фақат мўминларгина “Бу Оллоҳнинг Ояти-Мўъжизаси” деб тан оладилар ва Яратганнинг Қудратига тасаннолар айтиб, иймонлари янада қувватланади ва У Зотга ҳамду санолар айтиб, янада астойдилроқ ибодат қиладилар.
12. У Зот сизлар (бекам-у кўст ҳаёт кечиришингиз) учун кеча ва кундузни, қуёш ва ойни (бир тартибга солиб) бўйсундириб қўйди. (Барча) юлдуз - сайёралар ҳам Унинг Амрига бўйинсундирилгандир. Албатта, бу нарсада ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
Ушбу ояти карима мазмунидаги Ҳақтаолонингтенгсиз Қудратига далолат қиладиган, ақлли инсонлар албатта ибрат оладиган оятлар бошка сураларда ҳам такрор-такрор келади: “У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар”. (Аъроф сураси, 54-оят).
Яъни, Оллоҳ таоло тунни гўё бир кўрпа каби кундуз устига ёйиб, хеч нарса кўринмайдиган қилиб ўраб қўяр ва тонг отиши билан кундуз тун пардаси остидан чиқиб, тобора оқариб, ёришиб борар. Аммо маълум соатлар ўтгач, кундузнинг ортидан қора пардасини кўтариб шошилган ҳолда қувиб юрган тун уни қувиб етар.
Барча нарсанинг, жумладан, тун ва куннинг ҳам Эгаси бўлмиш Зотнинг бу гўзал тасвири кеча ва кундуз яралганидан буён бир нафас бўлсин тўхтамаслиги ҳақида, ҳеч қачон бир-бирларидан ажралмаслиги, яъни, у иккисининг ўртасига бирон нарса кира олмаслиги ҳақида, худди макон-замин ўз ўқи атрофида тинимсиз айланиб турганидек, замон - кеча ва кундуз ҳам бир-бирининг ортидан тинимсиз қувиб юриши ва ҳар бир инсон учун у дунёга келган лаҳзада бошланган бу ҳаракат то унинг Ер юзидаги кунлари ниҳоясига етгунича бир сония ҳам тинмаслиги ҳақида ҳикоя қилади ва инсонни ғафлат уйқусидан уйғониб, учиб ўтиб кетаётган умрини ғанимат билиб, ундан имкон борича фойдаланиб қолишга чақиради.
Коинотдаги энг кичик заррадан тортиб, энг катта сайёраларгача барча мавжудот Яратган томонидан қатъий белгилаб қўйилган тартиб - интизом билан тинмай ҳаракатланиб туриши тўғрисида бошқа оятларда ҳам айтилган: “У осмонлар ва Ерни Ҳақ (қонун) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устига ўрар, кундузни кечанинг устига ўрар. У қуёшни ҳам, ойни ҳам (Ўз Амрига) бўйсундириб қўйгандир. (Уларнинг) ҳар бири маълум муддатгача жорий бўлур. Огоҳ бўлингизким, У Қудратли ва бениҳоя Мағфиратли Зотдир”. (Зумар сураси, 5-оят).
Кеча ҳам улар учун (Бизнинг Қудратимизни кўрсатиб турадиган) бир оятдир: Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан баногоҳ улар зулматда қолурлар. Куёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу Кудратли ва Билгувчи Зотнинг Тақдири - Ўлчовидир. (Ёсин сураси, 37-38-оятлар).
Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган қуёш то «кун ва ой бирлашиб кетадиган» Қиёмат Куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот - Оллоҳ таолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўя олур.
Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз. (Ёсин сураси, 39-оят).
Дарҳақиқат, ой бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан турадида, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар қуёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур. (Ёсин сураси, 40-оят).
Яъни, то Қиёмат қойим бўлгунича қуёш ойга ета олмас ва кеча кундузнинг ўрнини эгаллаб ола билмас. Ушбу ояти каримада яна коинотдаги барча катта-кичик сайёралар фазода муаллақ ҳолда сузиб юришлари баён қилингандир. Илм-фанга мелодий йигирманчи асрнинг бошларига ке-либгина маълум бўлган бу ҳақиқатлар ҳақида Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари хабар берган эди. Бунда ақл эгалари учун ибрат бордир.
“У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз Амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам Ёлғиз Уникидир”. (Аъроф сураси, 54-оят).
Яъни, қуёш, ой ва бошқа катта-ю кичик барча юлдузлар - сайёралар Оллоҳ таоло томонидан яратилганларидан бошлаб то Қиёматгача Унинг Амридан бир лаҳза ҳам бўйин товламасдан итоат қилар эканлар, демак, ҳар бир инсон ҳам Яратганга бир умр, комил итоат билан бўйинсуниши фарздир. Чунки йўқдан бор қилиб яратган ЗотнингЎзигина яралганларни тасарруф қилиш, уларга Ўзи хоҳлаган Амрини буюриш ҳаққига Эгадир. Инсон бошқа махлуқотларни Яратган Амрига комил итоат билан бўйсу-наётганларидан ибрат олиши лозим. “Унинг оятларидан (яна бири) - осмон ва Ер У Зотнинг Амри билан (фазода муаллақ) туришидир. Сўнгра (Қиёмат қойим бўлганида) У сизларни (ётган) ерларингиздан бир бор чақириши билан барчангиз бирдан (ҳисоб-китоб учун) чиқарсизлар. Осмонлар ва Ердаги бор жонзотлар У Зотга тегишлидирки, ҳаммаси Унга бўйинсунур”. (Рум сураси, 25-26-оятлар).
Дарҳақиқат, жамийки мавжудотни йўқдан бор қилиб яратган, коинотни Ўзи хоҳлагандек тасарруф қиладиган Зот, ҳар бир иш Ёлғиз Унинг Хоҳиш ва Иродаси билан бўладиган Зот, барча оламлар Парвардигори - Эгаси бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Баракотли - Буюкдир, ҳар қандай айбу нуқсондан Пок - Муназзаҳдир.
13. Яна У Зот сизлар учун Ерда яратиб қўйган ранго-ранг нарсаларни (яъни, ҳайвонот ва наботот оламини, Ер ости ва Ер усти бойликларини ҳам сизларга бўйинсундирди). Албатта бу ишда эслатма оладиган қавм учун оят-ибрат бордир.
Дарҳақиқат, агар ибрат кўзи билан боқсак, Ерда мавжуд бўлган жамийки махлуқот - тоғу тошлардан бошлаб ҳайвонот ва наботот олами, ҳатто энг кичик ҳашоратларгача Яратган томонидан одамзотга хизмат қилишлари учун ўта мукаммал Илоҳий қонун-қоидага бўйинсундириб қўйилганига гувоҳ бўламиз. Масалан, ерга суқиб қўйилган бир кичик шохча ёки қуруқ-қаттиқ данак, уруғ ҳеч қачон ўз-ўзидан кўкка бўй чўзган дарахт ёки ерни қоплаб оладиган экинга айланиб, одамлар учун зарур. сурати ҳам, лаззати ҳам турлича бўлган мева-ҳосилларни беравермайди. Бунинг учун, албатта, уларни йўқдан бор қилгувчи, ундириб-ўсдиргувчи, уларга турли шаклу-шамойил бериб, бир ҳолдан бошқа бир ҳолга ўзгартиргувчи Зот бўлиши вожибдирки, ана ўша Зот бандаларига бениҳоя Меҳрибон Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодир.
Иккинчидан, ушбу оятда Ер юзида ҳаёт кечирувчи барча инсонлар Оллоҳ таолога - уларни яратиб қўйиб, энди қандай қилиб бўлса ҳам ўз тирикчилигингни ўзинг қилаверасан деб ўз ҳолларига ташлаб кўймасдан, аксинча, улар ҳаёт кечирадиган Ернинг ўзидан яшашлари учун керак бў-ладиган барча озиқ-овқатларни пайдо қилиб қўйган ва ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган ҳамма шарт-шароитларни муҳайё қилиб қўйган Зотга тинимсиз миннатдорлик билдириб, шукроналар айтишлари лозим экани эслатилади. Чунки Оллоҳ таоло биз - инсонларни яратиб, ақл-ҳуш ва куч-қувват ато этгач, ризку рўзимизни яратмаса ёки яратганда ҳам у неъматларни бу қадар хушсурат, хуштаъм қилиб яратмаса ёхуд уларни экиб-йиғишни, улардан фойдаланишни бу қадар осон-қулай қилиб қўймаса, У танҳо Зотдан “нега бундай қилдинг”, деб сўрашга ҳақли бўлган ҳеч ким йўқдир - ҳамма Оллоҳ таоло олдида масъул, аммо У Зот ҳеч кимнинг олдида масъул эмасдир. Бас, У бизга ато этган барча неъматлар фақат ва фақат Унинг Ўз бандаларига бениҳоя Меҳрибонлик билан қилган Илоҳий Ихтиёридир. Демак, Унга бутун ҳаётимиз давомида ҳамду санолар айти-шимиз ва берган неъматлари учун тинимсиз шукроналар - миннатдор-ликлар изҳор қилишимиз - бизнинг бандалик бурчимиздир.
Учинчидан, ояти карима Ҳақ таолонинг чексиз Қудратига далолат қи-лади. Дарвоқе, дов-дарахтлар мисолида кўрилса, қуйилган жойига сингиб, ернинг тубига тушиб кетадиган сув Ёлғиз Оллоҳнинг Қудрат ва Иродаси билан тик юқорига қараб оқади - илдиз орқали баланд дарахтлар-нинг энг учидаги шохигача кўтарилиб, “ўлик дарахтни гўё тирилтиради” ва баногоҳ уларнинг қуриган шохларига жон кириб, яланғоч танаси барглар билан ўралиб - “кийиниб”, ранго-ранг гуллар билан безаниб, сўнгра ҳажми, ранги, сурати ва мазаси тамоман бошқа-бошқа бўлган мевалар беради. Бас, бу Илоҳий мўъжизага қайта-қайта гувоҳ бўла туриб кимда-ким: “Ер, сув ва тошдек қаттиқ данак - уруғ уччови бирлашиб, ўз-ўзидан мана шундай улкан дарахтга айланди ва шундай лаззатли мевалар берди”, дейдиган бўлса, ёки: “Бу табиат қонуни, табиат мана шундай ўлик нарсаларга жон киритиб, бошқа нарсаларга айлантиришга қодир”, деб лоф урадиган бўлса, ҳамма нарсани жонсиз, ақлсиз ва мавҳум табиатга тўнкайдиган бўлса, бундай ёлғон ва тамоман асоссиз сўзларни айтганлар ҳам, уларга ишониб эргашганлар ҳам албатта ақлан мажруҳ кимсалардир.
Инсоният кўз ўнгида мудом такрорланиб турган бу манзаранинг фақат бир изоҳи бор - бу бир томчи сувдан инсонни пайдо қилган Зот Қудратининг яна бир намойишидир. Коинотдаги барча нарсалар қатори ризқу рўзимиз бўлган дон-дун, дарахт ва полиз экинларидан олинадиган мева ва ҳосиллар ҳам Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг биз бандаларига бениҳоя Меҳрибон ва ҳар ишга Қодир Зот эканига далолат қиладиган очиқ оятларидандир.
14. У сизлар янги гўшт (яъни, балиқ гўшти) ейишларингиз ва тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишларингиз учун (сизларга) денгизни ҳам бўйинсундириб қўйган Зотдир. Сиз унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. У Зотнинг Фазлу Марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиз ва (берган неъматларига) пгукр қилишингиз учун (сизларга денгизларни бўйинсундириб қўйди).
Дарҳақиқат, денгизнинг итоаткорлигида, устидаги кемалар сузиб, худди қуруқликдаги от-уловлар каби бир соҳилдан бошқа соҳилга одамлар учун керакли бўлган нарсаларни ташиб, бир иқлим аҳолиси бошқа иқлим аҳолиси билан борди-келди қилишларига хизмат қилиш учун бўй-сундириб қўйилишида ва яна денгизнинг чор-атрофдаги чанг-ғуборларни “ютиб”, ҳавони тозалаб туришида, ундан кўтарилган буғ - нам ҳаво осмонда қайтадан чучук сувга айланишида, буларнинг барчасидан ташқари денгиз ўз қаърида одамлар учун луқмайи ҳалол бўлган балиқларни ҳамда зеб-зийнат бўладиган дурру гавҳарларни асраб-авайлаб сақлаб беришида, албатта, ақлли кишилар учун оят-ибратлар бордир. Ҳақ таоло одамлар У Зотга шукр қилишлари учун буюк денгиз-дарёларни уларга шундай итоатли хизматкор қилиб қўйганки, хоҳласалар уларнинг устида кемага миниб сайр ёки тижорат сафарларига чиқадилар, хоҳласалар сув остидан ўзлари учун ризқ-рўз бўлган янги гўшт - балиқлар овлайдилар, хоҳласалар, ғаввослари денгиз-дарёлар тубига шўнғийдилар ва “у иккисидан марварид, маржонлар чиқур”. (Ар-Раҳмон сураси, 22-оят).
Чунки денгизлар ҳам, дарёлар ҳам, гарчи бутун Ер юзини сувга ғарқ қилиб юборишдек даҳшатли кувватга эга бўлсалар-да, Ҳақ таолонинг Амрига бўйинсуниб инсонларга хизмат қилаверадилар.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг инсонлар учун яратган неъматла-рини санар экан, бу неъматлар қаторида улар денгизлар остидан чиқариб оладиган зийнат-тақинчоқларни ҳам зикр қилишидан маълум бўладики. мазкур тақинчоқлардан фойдаланиш эркаг-у аёл барча инсонлар учун жоиздир. Ундай зеб-зийнатлардан фақат иккитаси эркаклар учун ҳаром. эканлиги ҳақида Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бир қўлларида олтинни, иккинчи кўлларида ипак матони ушлаб туриб: “Мана шу иккиси эркак умматларим учун ҳаромдир”, деб огоҳлантирганлар. Яна имом Бухорий ва Муслим Умар ибн Хаттоб розияллоху анхудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда ҳам севикли Пайғамбаримиз алайҳис-салом эркакларга қарата: “Сизлар ипак либос кийманглар. Чунки ким уни дунёда киядиган бўлса, Охиратда киймайди”, деб танбеҳ бердилар.
Юқоридаги ҳадиси шариф тақозоси билан уламолар эркакларнинг олтин узук тақишлари ҳаром эканлигини айтадилар. Аммо уларнинг кумуш узук тақишлари дурустдир. Чунки Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам кумуш узук таққанлари, сўнг асҳоби киром ҳам у зотга эргашиб ўзлари учун кумушдан узук ясатиб таққанлари маълумдир. Ўшанда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен кумушдан узук тақдим ва унинг кўзига “Муҳаммадур-Расулуллоҳ - Муҳаммад Оллоҳнинг Элчиси” деган нақш солдирдим, бас, бошқа биров ҳаргиз ундай нақш солдирмасин”, деган эдилар. Ушбу ҳадиси шариф мусулмон киши кумуш узук тақиши ва унга ўз исмини нақш қилдириши дуруст эканлигига далилдир. (“Тафсири Мунийр”дан).
15. У Зот Ер сизларни тебратмаслиги учун унга тоғларни ташлади, (ўзларингиз учун ичимлик бўлиши ҳамда экин-тикинларингизни суғоришингиз учун) дарёларни (оқизиб кўйди) ва (кўзлаган манзилларингизга боришда адашмасдан) йўл топишларингиз учун йўлларни (пайдо қилди).
Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: “Қачонки Оллоҳ таоло Ерни яратганида у тинмай чайқалиб-тебрана бошлади. Шунда малоикалар: “Бу ўз устида бирон кимсани тургизмайди”, дедилар-у, эртасига кўрсалар, уни тоғлар билан “михлаб” қўйилибди. Бас, малоикалар у тоғлар нимадан яратилганини билмай қолавердилар”. (“Маолимут-танзийл” тафсиридан).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсонларга ато этган яна учта неъматини зикр қилади. Биринчиси, У Зот, Ер ўзининг устидаги жонзотлар билан бирга ўз ўқи атрофида тинмай айланиб турар экан, титраб-силкинмаслиги учун уни ўрнашган тоғлар билан михлаб-мустаҳкамлаб қўйди. Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай дейилади: “Биз Ерни (барча жонзотлар маскан тутиб яшашлари учун) бир тўшак, тоғларни эса (ўша Ерни тутиб тургувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!” (Набаъ сураси, 6-7-оятлар).
Дарҳақиқат бағрига ўрнашган тоғлари бўлмаган Ер бамисоли суяксиз гўштга ўхшайди. Худди жонзотнинг жасади суяклари борлиги сабабли тик тура олганидек, Ер ҳам ўрнашган тоғлари билангина собит, барқарордир.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтди: “Қачонки Оллоҳ таоло Ерни яратганида у тепиниб-тебраниб: “Эй Роббим, Сен мени тинмай гуноҳ-маъсиятлар қиладиган, устимга ўлимтик ва ахлатлар тўкадиган кимсаларга оёқ ости қилиб кўясанми?”, деган эди, Оллоҳ таоло дарҳол унга сизлар кўра оладиган ва кўра олмайдиган тоғларни ўрнатиб, қимирламайдиган қилиб кўйди”.
Термизий, Абу Яъло, Аҳмад ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қачонки Оллоҳ таоло Ерни яратганида у силкиниб тебрана бошлади. Бас, У Зот тоғларни яратиб, Ерга ўрнатиб қўйган эди, у тиниб-тинчиб қолди. Малоикалар тоғларнинг кучидан ҳайрон қолишиб: “Ё Парвардигор, махлуқотинг ичида тоғлардан кучлироқ нарса ҳам борми?”, дедилар. Оллоҳтаоло: “Ҳа,темир ундан кучлироқ”, деди.Улар: “Ё Парвардигор, махлуқотинг ичида темирдан кучлироқ нарса ҳам борми?”, деган эдилар, У Зот: “Ҳа, олов ундан кучлироқ”, деди. Улар: “Ё Парвардигор, махлуқотинг ичида оловдан кучлироқ нарса ҳам борми?” деган эдилар, У Зот: “Ҳа, сув ундан кучлироқ”, деди. Улар: “Ё Парвардигор, махлуқотинг ичида сувдан кучлироқ нарса ҳам борми?”, деган эдилар, У Зот: “Ҳа, шамол ундан кучлироқ”, деди. Улар: “Ё Парвардигор, махлуқотинг ичида шамолдан кучлироқ нарса ҳам борми?”, деган эдилар, У Зот: “Ҳа, Одам боласи ундан кучлироқдир. У ўнг қўли билан қилган садақасини чап қўлидан яшира олади”, деди”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Ояти каримада зикр қилинган иккинчи неъмати Илоҳийя, Оллоҳ таоло Ер юзида дарёларни оқизиб кўйганидир. Чунки барча жонзотларнинг ҳам, набототнинг ҳам, ҳайвонотнинг ҳам ҳаёти сув биландир. Ояти каримада дарёлар тоғлардан кейин зикр қилинишининг боиси шуки, аксари дарёлар тоғлардан оқиб тушган ирмоқларнинг бир-бирига кўшилишидан пайдо бўлади. Дунёда дарёларнинг турлари кўп: уларнинг бири чуқур бўлса, бошқаси саёз, бири узун бўлса, яна бири қисқа, бири шарққа қараб оқса, бошқаси ғарбга, бири жанубга йўл олса, яна бири шимолни кўзлаб жўнайди. Баъзилари эса, чуқурлик-водийларга тўпланиб кўлларни ҳосил қилади. Улар бамисоли бадандаги қон томирлари янглиғ етган жойларини оби ҳаёт билан таъминлайдилар - зиммаларига Яратган томонидан қўйилган вазифани адо этадилар.
Ояти каримада мазкур бўлган учинчи неъмат, Ҳақ таоло Ер юзи бўйлаб катта-кичик йўлларни пайдо қилиб қўйганидир. Зотан, айланма - узоқ бўлса ҳам йўлдан юринглар, нотинч бўлса ҳам шаҳарда туринглар. ёмон бўлса ҳам бикрга уйланинглар, деб бекорга айтилмаган. Чунки йўллар одамлар адашиб қолмасдан кўзлаган манзилларини осон топишларига сабаб бўладиган ва уларнинг узоқларини яқин қиладиган катта қулайлик - неъмат бўлиб, аксинча йўлсизлик ёки йўлни йўқотиб қўйиш эса, кўп ҳолларда кишининг ҳалокатига сабаб бўладиган чўнг балодир. Бу ҳакда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган: “Биз Ер (одамларни) тебратма-син учун унда тоғларни (пайдо) қилдик ва Тўғри Йўлни топишлари учун унда кенг дара-йўллар қилдик”. (Анбиё сураси, 31-оят).
16. Ва (у йўлларга) белгилар (қилиб қўйди. Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан йўл топурлар.
Яъни, Меҳрибон Парвардигоримиз нафақат Ерда йўлларни пайдо қилди, балки йўловчилар адашиб қолмасликлари учун у йўлларга турли аломат-белгиларни ҳам қўйиб қўйди. Албатта, бу ўринда сўз одамлар йўл четига қоқиб кўядиган кўрсатгичлар ҳақидагина эмас, балки йўллар атрофида жойлашган, йўловчини қай тарафга қараб кетаётганини ўрнашган жойидан жилмасдан кўрсатиб турадиган тоғлар ва тинмасдан эсиб, мусофирларга қаёқ шарқ-у қаёқ ғарб эканини эслатиб турадиган шамоллар каби катта белги-аломатлар ҳақида ҳам бормоқда. Тун зулматларида эса, сафарга чиққан кишилар хоҳ қуруқликда бўлсин, хоҳ денгизда самога “илиб қўйилган чироқлар” - юлдузларга қараб кўзлаган манзилларига олиб борадиган йўлларни адашмасдан топиб оладилар.
17. (Эй мушриклар), ахир (барча мавжудотни) яратадиган Зот - Оллоҳ билан (ҳеч нарса) ярата олмайдиган (бутларингиз) баробарми?! Ўйламай - сизларми?!
Юқоридаги оятларда ҳар бир инсоннинг кўз ўнгида Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг тенгсиз Қудратли ва бандаларига бениҳоя Меҳрибон Зот эканини намойиш қилиб турган Ер-у кўкдаги бир неча улуғ неъматлар зикр қилингач, ушбу ояти каримада Ёлғиз Оллоҳни қўйиб ўзлари ясаб олган бут-санамларга сиғинадиган мушрик-кофир кимсаларга хитоб қилиниб, гўё шундай дейилади: эй мушриклар, сизларнинг ақл-хушларингиз ўз жойидами, кўрган нарсаларингиздан тўғри хулосалар чиқара оласизларми? Агар шундай бўлса, у ҳолда нега Яратгувчи - Холиққа ибодат қилиш ўрнига ҳеч нарса ярата олмайдиган, бирон кимсага фойда ёки зиён етказиши мутлақо мумкин бўлмаган жонсиз махлуқларга сиғинасизлар, уларга дуо-илтижолар қилиб ҳожатларингизни сўрайсизлар?! Ёки сизларнинг назарингизда Яратгувчи билан яралгувчи махлуқлар баробарми?! Ахир бундай дейиш ақлли кишиларнинг иши эмаску!
“У осмонларни сизлар кўрадиган устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун Ерда тоғларни барпо қилди ва унда ҳар турли жондор(лар)ни тарқатиб-ёйиб юборди. Яна Биз осмондан сув-ёмғир ёғдириб, (Ерда) ҳар турли фойдали (ўсимликларни) ўстириб қўйдик. Булар Оллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар), сизлар Менга Ундан ўзга “худолар” нималарни яратганини кўрсатинглар-чи! Йўқ, (улар бирон нарсани кўрсата олмаслар, демак) у золим кимсалар очиқ залолатдадирлар”. (Луқмон сураси, 10-11-оятлар).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушрикларга) айтинг: “Хабар берингиз-чи, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз (ниманинг шарофати билан илтижо-ибодат қилинишга сазовор бўлдилар)? Сизлар менга кўрсатиб берингиз-чи, улар Ердаги бирон нарсани яратганмилар, ёки уларнинг осмонларни (яратишда Оллоҳ таолога) шерикликлари борми, ёхуд Биз уларга бирон китоб ато этдикми-ки, улар ўша (китобдан ўзларининг Бизга шерик эканликлари ҳақида) бирон ҳужжат устида бўлсалар?! Йўқ, у золим кимсалар бир-бирларига (“Бутларимиз бизларни шафоат қиладилар”, деб) фақат алдовни ваъда қилурлар”. (Фотир сураси, 40-оят).
18. Агар сизлар Оллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсизлар. Хдқиқатан, Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.
Ҳар бир ақлли инсоннинг кўзини ярқ этиб очиб кўядиган ва Яратганга тинимсиз шукроналар айтишимиз лозимлигини эслатиб турадиган ушбу ояти карима шарҳи тафсиримизнинг ўқиётганингиз мана шу 10-жузъидан жой олган Иброҳим сурасининг, 34-ояти тафсирида алақадриҳол баён қилингани боис бу ўринда қайта такрорланмади.
19. Оллоҳ сизларнинг яширадиган нарсаларингизни ҳам, ошкор қиладиган нарсаларингизни ҳам билур.
Юқоридаги оятларда мушрикларнинг сиғинадиган бутлари уларга ҳеч қандай фойда ёки зиён етказа олмайдиган жонсиз махлуқлар экани эслатилгач, ушбу оятда ўша бут-санамлар бирон нарсани билмайдиган тош-ёғочлар эканлигига ишора қилиниб, Ёлғиз Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ таоло ҳамма нарсадан Хабардор, жумладан инсонларнинг очиқ-ошкора айтадиган сўзларини ҳам, ўйлаган ўй-фикрларини ҳам, бировлардан яширадиган сирларини ҳам жуда яхши билиб турадиган ва Қиёмат Кунида ҳар бир инсонга қилган амалига қараб, агар яхши бўлса мукофот - жаннат неъматларини ато этадиган, агар ёмон бўлса дўзах азоби билан жазолайдиган Танҳо Зот экани таъкидланади.
20. (Мушрикларнинг) Оллоҳни қўйиб, илтижо қилаётган бутлари бирон нарсани ярата олмайдилар, балки ўзлари яралгувчидирлар.
Худди Иброҳим алайҳис-салоту вассалом мушрик қавмга: “Ўзларингиз йўниб-ясаб олган нарсаларга ибодат қилурмисизлар?! Ҳолбуки, сизларни ҳам, ясаб олган бутларингизни ҳам Оллоҳ яратган-ку?!” деганидек, (Вас-саффот сураси, 95-96-оятлар), ушбу ояти каримада ҳам Ҳақ таоло Макка мушрикларига, балки барча мушрикларга қарата яна бир бор, улар ўз қўллари билан ясаб олган, яъни, махлуқлардан бўлган бутлари бирон нарсани яратишга қодир эмаслигини - ҳеч қачон Холиқ бўла олмаслигини, демак, уларга сиғиниш ёки улардан турли ҳожатлар сўраб дуо-илтижо қилиш тамоман бефойда иш эканини эслатади.
21. (Улар) жонсиз ўликлардир. Ва улар (ўзларига сиғинаётган мушрикларнинг) қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар.
Яъни, мушриклар сиғинадиган бут-санамлар шундай жонсиз ўликлардирки, ҳеч қачон ҳаёт бўлмаганлар ва ҳеч қачон ҳаёт бўлмайдилар. Шунинг учун улар обидларининг бор ё йўқ эканликларини ҳам, қанча яшаб, қачон ўлишларини ҳам, демакки, уларнинг қачон ҳисоб-китоб қилиниш учун қайта тирилишларини ҳам сезмайдилар - билмайдилар.
Ояти каримада икки оғиз сўз билан мушрикларнинг нақадар ақлсиз кимсалар экани очиб берилади. Чунки ақл-хуши жойида бўлган бирон кимса азалий ва абадий ҳаёт бўлган Оллоҳ таолога ҳеч қачон ҳаёт бўлмаган ва бўлмайдиган ўлик бутларни шерик деб билмайди, у жонсиз ўликларга ибодат қилмайди. Оятда бутлар ҳақида “жонсиз ўликлар” дейилишида, яъни, ўликни жонсиз деб сифатланишида ўта кучли таъкид маъноси мужассамдир. Дарвоқеъ, ҳеч қачон жонли ўликлар бўлмайди, бошқача айтганда, барча ўликлар жонсиздирлар. Бовужуд шундай бўлса ҳам, бутларнинг жонсиз ўликлар эканлиги таъкидланишига сабаб, айрим ўликларга жон кириши мумкин бўлгани ҳолда, масалан, жонсиз нутфа тирик инсонга айланиши ёки жонсиз тухумдан тирик жўжа чиқиши мумкин бўлгани ҳолда, мушрик кимсаларнинг сиғинаётган бутлари абадул-абад ўлик ҳолда қолишларини таъкидлашдир.
22. Илоҳингиз Ягона Илоҳдир. Бас, Охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг кўнгиллари (Оллоҳнинг Якка-Ягона эканлигини) инкор қилгувчидир, (уларнинг) ўзлари мутакаббир кимсалардир.
“Илоҳингиз Ягона Илоҳдир”.
Юқоридаги оятларда Оллоҳ таолога бирон кимса ёки нарсани ширк келтириш мутлақо дуруст эмаслиги баён қилингач, энди ана ўша Маъбуди Барҳақ Танҳо эканлиги, Ундан ўзга ҳеч қандай Маъбуд, ҳеч қандай Хожа йўқлиги баён қилинди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Илоҳин-гиз Ягона Илоҳдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Унинг Ўзи бордир. У Меҳрибон ва Раҳмлидир”. (Бақара сураси, 163-оят).
“Маолимут-Танзил”да айтилишича, ушбу ояти кариманинг нозил бўлишига сабаб, Қурайш кофирлари: “Эй Муҳаммад, сен бизга Роббингнинг сифатларини айтиб, тушунтириб бергин”, дейишган. Шунда Оллоҳ таоло мазкур оятни ва Ихлос сурасини нозил қилган. Аммо оятдаги хитоб фақат қурайшликларга эмас, умумийдир. Яъни, эй инсонлар, сизлар ибодат қилишингизга мустаҳиқ бўлган Оллоҳ Ягонадир. Ундан бошқа ибодат қилинишга ҳақдор бўлган ёки Илоҳ деб номланишга лойиқ бўлган ҳеч ким йўқ.
Кейинги жумла “Илоҳингиз Ягона Илоҳдир” жумласини таъкидлаш учун келгандир. Яъни, агар кимдадир: “ибодат қилинишга ҳақдор бўлган Оллоҳ Ягона бўлса, ибодат қилинишга ҳақдор бўлмаган бошқа Илоҳлар бордир”, деган хаёл бўлса, ундай кимсаларга жавобан: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Унинг Ўзи бордир”, дейилди ва У Зот бандаларига ниҳоят даражада Меҳрибон ва Раҳмли экани айтилди.
“Ла илаҳа иллаллоҳ - Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бордир” калимаси шундай буюк Сўзки, ушбу Сўзни чин юракдан айтиш билан кофир мусулмон бўлади, Шу Сўзни айтган ва шу Сўзга амал қилган мусулмон жаннатга киради.
Шу Сўз шарофати билан ибодатлар қабул бўлади, шу Сўзни айтган инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинади. Демак, ҳеч қандай шериги бўлмаган Ягона Оллоҳнинг Меҳрини қозониш, Раҳматига эришиш учун биринчи навбатда “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини чин дилдан тасдиқлаб, комил ишонч билан иқрор қилиб, бутун умр давомида мана шу эътиқодда яшаб, ўлим соати келганда ҳам Охират диёрига мана шу калима билан кўчиш лозимдир.
“Бас, Охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг кўнгиллари (Оллоҳнинг Танҳо Маъбуд эканлигини) инкор қилгувчидир, (уларнинг) ўзлари мутакаббир кимсалардир”.
Демак, улар ваъз-насиҳатни қабул қилмайдилар ва уларга ҳеч қандай эслатма кор қилмайди. Улар Ҳақ Сўзни қабул қилишдан ор қиладиган мутакаббир-каттазанг кимсалардир.
23. Шак-шубҳа йўқки, Оллоҳ уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларини ҳам билур. Албатта, У Зот мутакаббир кимсаларни севмас.
Дарҳақиқат, зоҳирни ҳам ботинни ҳам, ҳозирни ҳам ғойибни ҳам. кечмишни ҳам, келмишни ҳам баробар Билгувчи Зот Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодир. Ҳар қандай ёлғон-яшиқ сўзлар билан динсиз кимсалар одамларни алдашлари мумкин, аммо Оллоҳни алдаб бўлмайди. Инсон қиладиган ҳар қандай сўз ё амал учун - у амалларнинг энг катталарига ҳам.
зарра каби кичкиналарига ҳам, ошкораларига ҳам, ҳеч ким билмайдиган яширинларига ҳам мукофот-жазо берадиган Унинг Ўзидир. Мана шу ҳақиқатни билганлар, унга амал қилганлар ҳақиқий мўминлардир. Шунинг учун иймонли инсоннинг тили ҳам, дили ҳам тўғри бўлади. Зоҳири - сурати ҳам, ички олами ҳам мунаввар, гўзал ва обод бўлади. У ўйлаганини ҳам, сўйлаганини ҳам Оллоҳ кўриб-билиб туришига аниқ ишонади. Демак, у сўзлаганида дилидагини сўзлайди, одамлар олдида ҳам, ёлғиз қолганида ҳам иш-амали бир хил бўлади, балки унинг ошкора қиладиган амалларидан ҳам махфий - ёлғиз ҳолда қилган амаллари яхшироқ - чиройлироқ бўлади, чунки у ҳар икки ҳолида ҳам Энг Улуғ Гувоҳ ҳозиру нозир эканини билади, барча ҳаракатларини, ибодатларини Унинг ризосини истаб қилади.
Аммо Охиратга иймон келтирмайдиган кофир-мушрик кимсалар эса, мана шу аён Ҳақиқатни тан олишдан кибр қиладилар, Оллоҳ таолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканини ва ошкора-ю яширин бўлган барча нарсани Билгувчи эканини инкор қиладилар: “Албатта, У Зот мутакаббир кимсаларни севмас”. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анху ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалбида зарра мисқолича кибр бўлган кимса жаннатга кирмайди. Қалбида зарра мисқолича иймон бўлган киши дўзахга кирмайди”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, айрим одамлар либоси чиройли бўлишини яхши кўради (яъни, бу ҳам кибрга кирадими)?” деб сўраган эди, у зот: “(Йўқ ундоқ эмас). Чунки Оллоҳ Гўзалдир, гўзалликни севар. Кибр - Ҳақни инкор қилиш ва одамларни менсимасликдир”, дедилар. (Муслим ва Бағавий ривояти).
Бошқа бир саҳиҳ ҳадисда хабар берилишича, мутакаббир кимсалар Қиёмат Кунида зарра мисоли майда ҳолда тириладилар ва (ҳаёти дунёда Ҳаққа итоат этишдан) кибр қилганлари учун (У Кунда) одамлар уларни оёқлари билан эзиб ўтадилар. (Термизий ва Аҳмад ривояти)
24. Қачон улардан: «Парвардигорингиз (Муҳаммад алайҳис-саломга) қандай нарса нозил қилди?», деб сўралса, улар (масхара қилишиб): «(Муҳаммад айтаётган сўзларнинг барчаси) аввал ўтганларнинг афсоналари», дейдилар.
Ушбу ояти карима бир мунча тафсилот билан Анъом сурасида ҳам келган эди: “Улардан Сизга қулоқ тутадиганлари ҳам бор, (лекин) Биз уларнинг қалбларида (Қуръонни) англашдан тўсадиган пардалар қилиб, қулоқларини эса оғир қилиб қўйдик. Улар бор оятларни (мўъжизаларни) кўрсалар ҳам, у (оят)ларга иймон келтирмайдилар. Хатто кофир бўлган кимсалар Сиз билан жанжаллашгани олдингизга келган пайтларида: «Бу (Қуръон) фақат аввалгиларнинг афсоналари, холос», дейдилар”. (Анъом сураси, 25-оят).
Калбий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб айтади: “Бир тўда Қурайш катталари Қуръонни эшитар эканлар, ораларидаги Назр Абу Қутайла деган кимсадан: “Эй Абу Қутайла, бу Муҳаммад нималар деяпти ўзи?”, дедилар. У: “Нима деяётганини билмайман-у, аммо у лабларини қимирлатиб, худди мен сизларга ўтган замонлардан сўзлаб берадиган нарсаларга ўхшаган аввалгилардан қолган афсоналарни айтиб беряпти”, деди. Назрнинг ўзи ўтган замонларнинг хабарларидан кўп сўзлар эди. Унинг сўзларини эшитган Абу Суфён: “Мен Муҳаммаднинг айтган айрим сўзларини ҳақ, деб биламан”, деган эди, Абу Жаҳл: “Ундан (яъни, Қуръон-дан) бирон нарсани тўғри демагин. Биз бундан кўра ўлганимиз осонроқ”, деди. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлди”. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
Ояти карима ҳамма замонлардаги Қуръони Азимни эшитиб туриб “эшита олмайдиган”, унинг маъноларини англай билмайдиган, борлиқдаги Оллоҳтаолонинг Бир ва Борлигига, мислсиз Қудратига далолат қиладиган оятлар-аломатларни ўз кўзлари билан кўриб туриб “кўра олмайдиган” кимсалар ҳақидадир. Ҳақ таоло уларнинг дарди жуда оғир эканини - қалблари ҳар тарафдан тўсиқ-девор билан тўсилиб, ҳеч нарсадан таъсирланмайдиган, ҳақиқатни тан олмайдиган бўлиб қолганини, бекорчи-беҳуда сўзларни жуда яхши эшитадиган қулоқлари Оллоҳнинг Каломи тиловат қилинганида том битиб, “эшитмай” қолишларини айтади.
Демак, оят Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканликларига иймон келтирмайдиган кофирлар ҳақида нозил бўлди.
Аммо фақат улар ҳақида эмас, балки мусулмонлар орасидаги Қуръон оятларини эшитиб - билиб туриб уларга амал қилмайдиган, эшитганларидан фойдаланмайдиган, Ҳақ Сўзга итоат қилмайдиган кимсалар ҳам қалбларида тўсиқ, қулоқларида “оғирлик” бор кимсалар қаторида эканликлари ҳақидадир.
“Ҳатто кофир бўлган кимсалар Сиз билан жанжаллашгани олдингизга келган пайтларида: “Бу (Қуръон) фақат аввалгиларнинг афсоналари, холос”, дейдилар”.
Ушбу жумлада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг тиғ билан сўйилганлари ҳалол, сўйилмасдан ўлганлари ҳаром эканлиги ҳақидаги Оллоҳ таолонинг Ҳукмини етказганларида Қурайш кофирлари: “Сизлар (яъни, мусулмонлар), ўзларингиз ўлдирган нарсаларни ейсизлар-у, Оллоҳ ўлдирганини ҳаром дейсизлар”, деб жанжаллашганлари ва шу жанжаллари асносида Каломуллоҳ ҳақида: “Бу (Қуръон) фақат аввалгиларнинг афсоналари, холос”, деганлари айтилади. (“Тафсири Куртубий”дан).
25. Улар (бу ёлғон сўзларни, бошқа одамларни йўлдан оздириш учун ва оқибатда) Қиёмат Кунида, ўзларининг барча гуноҳларига ҳамда ўзлари нодонлик билан йўлдан оздирган кимсаларнинг гуноҳларидан ҳам (бир қисмига) жавобгар бўлиш учун (айтгандирлар). Огоҳ бўлингиз, улар жуда ёмон юкни (яъни, гуноҳларни) орқалаб юрибдилар.
Албатта, бировнинг қилган яхши амали учун бошқа биров мукофотланмайди ва аксинча бировнинг қилган ёмонлик-гуноҳи учун бошқа биров жазоланмайди, аммо агар бир киши бошқаларга яхши йўл кўрсатса, яхши амалга ўргатса ва улар ўша ўрганганлари яхши амални қилсалар, у ҳолда ўргатувчи ҳам улар оладиган савобдан насибадор бўлади ва аксинча биров бошқаларга ёмонлик - гуноҳ йўлини кўрсатса ва улар ўша ўрганган ёмонликларини қиладиган бўлсалар, у ҳолда ўргатувчи ҳам улар қилган гуноҳга шерик бўлади. Бу ҳақда Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ким Исломда бир чиройли суннатга амал қилиб, уни бошқалар учун ҳам йўл қилиб қолдирса, унингучун ўзи қилган амалнинг ажри ва ундан кейин ўша суннатга амал қилган кишиларнинг ажри бўлур, аммо уларнинг ўзларига ҳам оладиган ажрларидан бирон нарса камайтирилмас.
Ким Исломда ёмон йўлни тутса, (яъни, Ислом қайтарган ишни қилиб, уни бошқаларга ҳам ўргатадиган бўлса), унингучун ўзи қилган гуноҳнинг юки - жазоси ва ундан кейин ўша гуноҳни қилган кимсаларнинг жазоси бўлур, аммо уларнинг ўзларига ҳам оладиган жазоларидан бирон нарса камайтирилмас”.
Шунингдек, ҳаёти дунёда айрим ҳолларда бировларнинг қилган гуноҳ-жиноятлари учун бошқалар ҳам жазоланишлари мумкин. Масалан, одамлар бир-бирларини яхшиликка чақирмасалар, ёмонликдан қайтармасалар, ноҳақ ишларни кўриб-эшитсалар ҳам лоқайд томошабин бўлиб тураверсалар, у ҳолда ёмонлик қилган кимсаларнинг касофатидан ҳам-манинг бошига фитна-бало тушиши мумкин. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “Ҳамда бир фитнадан - балодан сақланингларки, у сизларнинг орангиздаги золим кимсаларнинг ўзигагина етмас, (балки ўша фитнага қарши курашмай қараб турган барчага етар.) Ва билингизки, албатта Оллоҳнинг азоби қаттиқдир”. (Анфол сураси, 25-оят).
Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам хдм: “Албатта сизлар яхшиликка буюрасизлар ва ёмонлиқцан қайтарасизлар ёки (яъни, агар шундай қилмасангизлар), Оллоҳ субҳонаху ва таоло сизларнингустингизга энг ёмонларингизни султон қилиб қўяди, бас, улар сизларни ёмон азоблар билан азоблайди, сўнгра сизларнинг яхшиларингиз Оллоҳ азза ва жаллага ҳарчанд дуо қилсалар ҳам дуолари ижобат бўлмайди”, деб огоҳлантирганлар.
26. Улардан аввалги (кофир) кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларига мана шунга ўхшаш) макр-ҳийлалар қилган эдилар. Шунда Оллоҳ(дан бир Амр) келдида, уларнинг (қурган макр-ҳийла) биноларини пойдевор томонидан емириб ташлади, бас, улар (тўқиб олган ёлғон бино - тузумлари)нинг томи ўзларининг устига қулади ва уларга ўзлари сезмаган - кутмаган тарафдан азоб-ҳалокат келди.
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни масхара қилган ва Қуръони Азимнинг Каломуллоҳ эканини инкор этиб, бу аввалгилардан қолган афсона, деган Макка мушриклари ҳақида нозил бўлган ушбу ояти карима ўз мазмун-моҳияти билан Оллоҳ ва Унинг Дини устидан куладиган барча замон ва маконлардаги динсиз кимсалар ва улар тузган турли тузум ва “изм”ларнинг оқибати нима бўлиши ҳақида айтилган Илоҳий Таҳдиддир, ўта қаттиқ Огоҳлантиришдир. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзи нозил қилган Ҳақ Каломига қарши ҳамда сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга қарши макр-ҳийла қиладиган ва мўмин-мусулмонларни ҳам алдаб ўз тузоқларига туширмоқчи бўладиган куфр аҳлини огоҳлантириб, улар каби найрангбозлар аввалги асрларда ҳам ўтгани ва қачонки улар турли макр-ҳийлалар билан Оллоҳ таоло юборган Нурни ўчирмоқчи бўлганларида Ҳақ таоло уларнинг устига ҳеч кутмаган - ўйламаган тарафларидан азоб юбориб, ўз наздларида ўта мустаҳкам ва муҳташам қилиб курилган жамиятларининг биноси пойдеворини емириб йўқ қилгани, натижада улар ўзлари қурган бинонинг қулаб тушган томи остида қолиб халок бўлганлари ҳақида хабар беради. Аксари муфассирлар: “Оятда зикр қилинган “макр-ҳийла қилган кимсалар”дан мурод, Иброҳим алайҳис-салоту вассалом замонида ўтган золим подшоҳ Намруд ибн Канъон ва унинг қавмидир. Ўзини Ердаги худо деб эълон қилган у золим подшоҳ: “Энди мен осмонга чиқиб, у жойдаги худолар билан урушаман”, деб Бобил шаҳрида баландлиги беш минг газ (3500 метр) бўлган бир осмонўпар қаср бино қилдирган ва тобеълари билан осмонга чиқиш учун у қасрнинг томига кўтарилганларида Оллоҳ таолонинг Амри билан бино пойдевори емирилиб, ҳаммалари ҳалок бўлганлар”, деб тафсир қиладилар. (“Тафсири Бағавий”ва “Тафсири Қуртубий”дан).
Бу - кофир кимсалар ҳаёти дунёда дучор бўлган азоб эди. Энди улар-нинг Охиратда қандай кўргуликларга дучор бўлишлари ҳақида қуйидаги оятларда хабар берилади.
27. Кейин - Қиёмат Кунида (Оллоҳ) уларни шармандайи шармисор қилур ва айтур: «Менинг «шерик»ларим қаерда қолишди?! (Ахир) сизлар (Менинг пайғамбарларим билан) ўшалар тўғрисида талашиб-тортишар эдинглар-ку?!» (Шунда) илм берилган зотлар (яъни, пайғамбарлар ва уламолар) дерлар: «Дарҳақиқат, Бугун бор шармандалик ва азоб-уқубат кофирлар устига (тушар)».
Яъни, Қиёмат Кунида Ҳақ таоло кофир-мушрик кимсаларни барча халойиқ гувоҳлигида аламли азобга гирифтор этиш билан хору расво қилиб, уларга: “Қани мана бу Кунда айтингларчи, ҳаёти дунёда сизлар Менга ибодат қилишдан юз ўгириб сиғинган “илоҳларингиз” қаерда қолиш-ди?! Ахир сизлар уларни Менга шерик қилиб олган эдингизларку?! Ҳатто Менинг элчиларим ва илмли бандаларим билан ўша бут-санамларингиз ҳақида талашиб-тортишиб: “Улар Оллоҳ олдида бизларни шафоат қиладилар, азоб-укубатдан ҳимоя қиладилар”, дер эдингизларку?! Қани, энди ана ўша ишонган “илоҳларингиз” келиб бошларингизга тушган мана бу азобни дафъ қилсинлар-чи?!”, деган вақтида бу даҳшатли манзарага гувоҳ бўлиб турган мўминлар - Оллоҳ таолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканини аниқ билган ва ҳаётларини Ёлғиз Оллоҳга ибодат билан ўтказган кишилар дедилар: “Дарҳақиқат, Бугун кофир кимсалар хору расво қили-нишлари ва барча ёмонликларга, яъни, мангу азоб-уқубатга гирифтор қилинишлари аниқдир!”
28. Улар (куфр йўлини танлашлари билан) ўз жонларига жабр қилган ҳолларида (ўлим) фаришталари уларнинг жонларини олурлар. Шунда улар (тақдирга) тан беришиб - (бўйинларини қисишиб): «Бизлар бирон ёмонлик - гуноҳ қилган эмасмиз» (дерлар). Йўқ, шак-шубҳасиз, Оллоҳ қилган амалларингизни Билгувчидир.
Ояти каримада Қиёмат Куни шармандалик ва мангу азоб-уқубатга гирифтор бўладиган кофир кимсаларнинг ҳаёти дунёдан кетар чоғларида қай ҳолатда бўлишлари ҳақида хабар берилади: улар куфр йўлини танлаш билан ўз жонларига жабр қилган ва то бошларига ўлим соати келгунича ҳам тавба қилмасдан кофир ҳолда қолган кимсалар бўлиб, қачонки ўлим фариштаси Азроил ва унинг ёрдамчилари уларнинг жонларини олиш учун келгандагина кўзлари очилиб, тақдирларига тан берадилар-у, аммо ҳисоб-китоб Кунида қилмишларидан - ҳаёти дунёда Оллоҳни қўйиб турли бут-санамларга ибодат қилганларидан тонмоқчи бўладилар ва: “бизлар бирон ёмонлик қилган эмасмиз”, дейдилар. Яъни, улар ўша Кунда ҳам Оллоҳ таолони алдашга, Унинг ҳақли жазосидан қочиб қутулишга уринадилар. Шунда у золим-кофир кимсаларга: “Йўқ шак-шубҳасиз, Оллоҳ қилган амалларингизни Билгувчидир”, дейилади ва Ҳақ таолонинг Амри билан улар ҳеч кутмаган гувоҳлар уларга қарши гувоҳликка ўтадилар. Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай хабар берилади: “Бу Кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур”. (Ёсин сураси, 65-оят).
Фақат шундагина кофир-осий кимсалар қилган барча қилмишларига иқрор қилишга мажбур бўлиб, гуноҳларини эътироф этадилар ва уларга айтилади -
29. Энди ўзларингиз мангу қоладиган жаҳаннам дарвозаларидан кирингиз! Мутакаббир кимсаларнинг борар жойлари нақадар ёмон!
Ояти каримада “жаҳаннам дарвозалари” зикр қилингани албатта бежиз эмас, зотан, Қуръони Каримда бирон бежиз-беҳуда сўз йўқдир. Бас, маълум бўладики, У Кунда ҳар бир жиноятчи ўз жиноятига яраша энг адолатли жазо олиши учун дўзах ҳам турли табақаларга бўлингандир ва ҳар бир табақанинг алоҳида дарвозаси бордир.
“Мутакаббир кимсаларнинг борар жойлари нақадар ёмон!”
Ушбу жумлада Оллоҳ таоло Унга ибодат қилишдан бош тортганлар мутакаббир - каттазанг кимсалар экани ва кимда мана шу иллат бўлса, ўта ёмон жазога гирифтор бўлиши ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳақда бошқа бир оятда айтилган: “Дарҳақиқат, Биз жиноятчи кимсаларни мана шундай (азобга дучор) қилурмиз. Чунки уларга: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳгина бордир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар”. (Вас-саффот сураси, 34-35-оятлар).
Шайх Алий Самарқандий ўзининг “Баҳрул-уювн” тафсирида айтади: “Кибр уч қисмга бўлинади. Улардан биринчиси, Оллоҳ таолога кибр қилиш бўлиб, у кибр навларининг энг хабис ва қабиҳидир. Бундай кибр қилиш фақат бошидан оёғигача жаҳолат бўлган ўта нодон кимсаларнинг ишидир. Иккинчиси, Оллоҳ таолонинг элчи-пайғамбарларига бўйинсунмасдан, “улар ҳам бизга ўхшаган одамларда, нега биз уларга итоат этишимиз керак экан”, деб кибр қилиш бўлиб, бу навъ кибр ҳам худди Оллоҳ таолога ибодат қилишдан кибр қилган каби мангу азобга мустаҳиқ қилади. Учинчи навъ кибр, Оллоҳ таолонинг бандаларига кибр қилиш бўлиб, бундай мутакаббир кимса ўзини катта, ўзгаларни эса ҳақир санайди, уларни ўзига тенг кўрмай, доим бировлардан айб ахтаради. Бундай кибр ҳам қабиҳлик, унинг соҳиби эса ақлсиз жоҳилдир”. (“Танвирул-азҳон” тафсиридан).
30. Тақводор зотлардан: «Парвардигорингиз (Муҳаммад алайҳис-саломга) қандай нарсани нозил қилди?», деб сўралганида, улар: «Яхшиликни», дедилар. Чиройли амал қилган зотлар учун бу дунёда ҳам чиройли мукофотлар бўлур. Шак-шубҳа йўқки, Охират диёри янада яхшироқдир. Тақводор зотларнинг жойлари нақадар яхши!
Ушбу ояти карима тафсирида айтилишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга Оллоҳ таоло томонидан ваҳий нозил бўла бошлаган йилларда бу ҳақда эшитган узоқ-яқин қишлоқ-овулларда яшайдиган араблар ҳаж мавсуми бўлган кунлари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида аниқ хабар билиб келишлари учун ўз одамларини Маккайи мукаррамага юборишар эди.Улар келиб дастлаб сўраганларида Маккага кирадиган йўлларда ўтириб олган мушрик-кофир кимсалар: “Эй у (яъни, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам) бир сеҳргар, фолбин, шоир, ақлдан озган ёлғончи. Агар унга йўлиқмай қайтиб кетсанг ўзинг учун яхшироқ бўлади”, дейишиб, уларни йўлдан урушмоқчи бўлар эдилар. Аммо сўраган кишилар: “Агар биз шунча жойдан қавмимизнинг элчиси бўлиб келиб Маккага кирмасдан ва Муҳаммадни кўрмасдан қайтиб кетадиган бўлсак, у ҳолда энг ёмон элчи бўлиб қоламизку”, дейишар ва Маккага киришиб Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини кўриб сўраганларида, улар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ростгўй инсон ва ҳақ Пайғамбар эканликларини, у зотга Парвардигор барча инсонлар учун хайру барака бўлган Қуръони Азимни нозил қилганини айтиб беришар эди. (Бағавий, Қуртубий ва “Ал-Мук,татаф мин уювнит-тафосийр” тафсирлари).
Ибн Абу Ҳотамнинг Суддий раҳимаҳуллоҳдан келтирган ривоятида мазкур воқеалар нима сабабдан ва қай тарзда содир бўлгани бир мунча аниқ баён қилинади: Суддий айтади: “Қурайш мушриклари тўпланишиб: “Бу Муҳаммаднинг тили шундай ширинки, кимга сўзласа, ақлини олиб, ўз йўлига солиб олади. Шунинг учун сизлар ораларингиздаги таниқли, улуғ насл-насаби билан машҳур бўлган кишиларни саралаб, бир икки кеча тунда ҳам уйларига қайтмайдиган қилиб Маккага олиб кирадиган барча йўлларга қўйиб қўйингларда, кимда-ким Муҳаммадни истаб келадиган бўлса, тўсиб, уни кўрсатмасдан қайтариб юборинглар”, дейишиб ўзаро тил бириктирдилар. Бас, ҳар бир кўчага одамлар чиқиб, агар бирор киши қавмидан элчи бўлиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни кўриш ва сўзларини эшитиш учун келаётганини билиб қолишса, йўлтўсар мушриклардан бири албатта унинг йўлини тўсиб чиқар ва: “Мен Фалонийлар авлодидан бўлган Фалониман”, деб ўз уруғ-авлодини таърифлаб: “Муҳаммад тўғрисида сенга мана мен айтиб бераман - у бир ёлғончи кимса, шунинг учун унинг айтаётган афсоналарига фақат ақли ноқис одамлар, қуллар ва ёмон йўлга кириб кетган кимсалар қулоқ солиб, унга эргашиб кетмоқдалар. Аммо қавм катталари, яхши одамлар эса, ундан узилишиб кетишмоқда”, деб, йўлдан ургач, ҳалиги қавмидан элчи бўлиб келган киши бор ҳақиқатни билмасдан қайтиб кетаверар эди. Оллоҳтаолонинг: “Қачон улардан: “Парвардигорингиз (Муҳаммад алайҳис-саломга) қандай нарса нозил қилди?” деб сўралса, улар (масхара қилишиб): “(Муҳаммад айтаётган сўзларнинг барчаси) аввал ўтганларнинг афсоналари”, дейдилар”. (24-оят), деган Сўзининг маъноси шудир.
Аммо агар келган элчи Оллоҳ таоло Тўғри Йўл ато этган кишилардан бўлса-ю, мушриклар йўлдан қайтармоқчи бўлиб, унга ҳам юқоридагидек сўзларини айтадиган бўлсалар, у: “Агар шунча йўл босиб келиб, энди ати-ги бир кунлик йўл қолганида ўша одамни (яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни) ўзини кўрмай, сўзларини эшитмай қайтиб кетадиган бўлсанг, мени элчи қилиб юборган қавмимга у киши ҳақида аниқ маълумот олиб бормасам, у ҳолда энг ёмон элчи мен бўламанку”, деб Маккага кирар ва мўминларга йўлиқиб, улардан: “Муҳаммад қандай сўзларни айтмоқда?” деб сўрар, бас, улар: “Фақат яхшиликни”, деб жавоб берарлар”. (“Тафсири Мунийр”дан).
“Чиройли амал қилган зотлар учун бу дунёда ҳам чиройли мукофотлар бўлур. Шак-шубҳа йўқки, Охират диёри янада яхшироқдир. Тақводор зотларнинг жойлари нақадар яхши!”.
Яъни, Оллоҳ таолога гўё У Зотни кўриб тургандек чиройли ибодат қилган ва Оллоҳнинг бандаларига ҳам хайр-эҳсон ва яхшиликлар қилган мўминлар учун албатта, мана шу ҳаёти дунёда ҳам кенг ризқ, бахтли ҳаёт, хотиржамлик, тинчлик ва омонлиқца яшаш каби чиройли мукофотлар берилади, аммо бу неъматлар улар учун Охиратда ато этиладиган мукофот - анвойи лаззат ва жаннат неъматлари олдида жуда оз, жуда арзимасдир. Чунки ҳаёти дунё неъматлари қанчалик мўл-кўл бўлса-да, ўткинчидир, тезда тугаб қолгувчидир, турли бало-офатлар билан ўралгандир, Охират диёри ва унда мўминлар учун тайёрлаб қўйилган мукофотлар эса, кўз кўриб-кулоқ эшитмаган даражада тўкисдир, ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган мангудир. Дарҳақиқат, Оллоҳ таолодан кўрқувчи инсонларнинг Охират диёридаги жойлари нақадар яхши -
31. (У жой тақволи инсонлар) кирадиган, остидан дарёлар оқиб турадиган мангу жаннатлардир. Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бўлур. Оллоҳ тақводор зотларни мана шундай мукофотлар.
“Тафсири Қуртубий”да Абу Насл Қушайрийдан ривоят қилинишича, оятда зикр қилинган “жанноти адн - абадий туриладиган жаннатлар” жаннат боғларининг энг ўртаси ва чўққиси, Оллоҳ таолонинг Арши аълоси остида жойлашган Фирдавс жаннатидир.
“Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳдан сўраганларингизда Фирдавс жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг ўртаси ва чўққисидир. Раҳмонниг Арши унинг устидадир. Жаннат дарёлари ўша жойдан отилиб чиқур”, деб буюрдилар.
“Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бўлур”.
Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай хабар берилади: “Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар”. (Зухруф сураси, 71-оят).
Бас, жаннат аҳли у жойда кўнгилларига ором, жонларига роҳат берадиган қандай неъматни хоҳласалар, барчаси ҳозиру нозир эканини кўрадилар, ҳатто ҳадиси шарифда хабар берилишича, Оллоҳ таоло уларнинг хотирларига келмаган, кўзлари кўриб кулоқлари эшитмаган ноз-неъматларни ҳам муҳайё қилиб қўяди.
Ҳақ таоло Унинг ғазаб ва азобидан қўрққанлари учун зиммаларидаги Исломий бурч ва вазифаларини тўла тўкис адо этишга ҳаракат қилган тақволи бандаларини мана шундай мукофотлар.
32. Улар (ширк ва исёндан) пок бўлган ҳолларида, фаришталар уларнинг жонларини олар эканлар: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. (Энди) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз», дерлар.
Яъни, тақволи зотлар ўлим соати етиб келганида жонларини олгувчи фаришталарни хушнудлик билан кутиб олурлар. Чунки улар ширку куфрдан пок, сўз ва амаллари ҳам пок, Оллоҳ таоло хузурида албатта қилган солиҳ амаллари сабабли ажр-мукофотларга эришишларидан умидвор бўлганлари учун хурсанд ва хусусан, Яратган Парвардигор хузурига қайтаётганларидан шод-хуррам ҳолда бўлурлар ва ўша онда фаришталар уларга: “Ассалому алайкум, яъни, сизларга тинчлик-омонлик ва жаннат хушхабари муборак бўлгай”, дерлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Қачон ўлим фариштаси мўминнинг жонини олиш учун келганида: “Роббинг сенга салом айтди”, деб уни шод-хотиржам қилиб, сўнгра вафот этдирур”. (“Тафсири Қур-тубий”дан).
Ояти каримадаги “(Энди) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз”, жумласини муфассирлар турлича тафсир қилганлар. “Ал-Жомиъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсирида айтилишича, бу жумладан икки маънони англаш мумкин. Биринчиси, “сизлар албатта жаннатга киришингиз ҳақидаги хушхабарни қабул қилингиз”, иккинчи маъно: фаришталар мазкур сўзларни мўминларга Охират диёрида, Қиёмат Кунида айтурлар.
“Танвирул-азҳон”да эса, мўминларга вафотлари олдида “жаннатга кирингиз” дейилишига сабаб, мўминнинг қабри ҳам жаннат боғларидан бир боғча бўлиб, иймон ва солиҳ амаллар билан қабрга кирган мўмин то Қиёмат қойим бўлгунига қадар у жойда жаннат бўйидан баҳраманд бўлиб ётади”, деб тафсир қилинади.
Мўминларга ўлимлари олдидан албатта хушхабарлар берилиши ҳақида бошқа оятларда ҳам айтилган: “Албатта: «Парвардигоримиз Оллоҳдир», деб сўнгра (Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри - устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Кўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат (хушхабари) билан шодланинглар! Бизлар хдёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) Мағфиратли ва Меҳрибон Зот томонидан бўлган зиёфатдир”. (Фуссилат сураси, 30-32-оятлар).
33. (Кофирлар эса), фақат (жонларини олиш учун ўлим) фаришталари келишини ёки Парвардигорингизнинг Амри - азоби келишини кутарлар. Улардан аввал ўтган (кофир) кимсалар ҳам мана шундай қилган эдилар (яъни, ўзларига келган пайғамбарларни ёлғончи қилишиб, ҳалокатга дучор бўлган эдилар). Уларга Оллоҳ жабр қилгани йўқ, балки улар (ўзлари) ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар.
Ояти карима кофирлар ва иймон келтиришни, тавба қилишни четга суриб юрган кимсалар учун қаттиқ огоҳлантиришдир.
Ушбу ояти каримада кофирлар, Оллоҳ таоло юборган элчиларига итоат этмаган кимсалар, Унинг оятларини ёлғон дегувчилар ва Унинг Йўлидан тўсгувчилар фақат уч ишдан бирини кутиб турганлари ҳақида хабар берилади. Яъни, уларни иймонга даъват қилиш бефойда экани, то ўлим фаришталари келиб жонларини олмагунича ё тўсатдан Қиёмат қойим бўлиб, Парвардигорнинг азоби бошларига тушмагунча ёки Қиёмат келиб қолганига далолат қилгувчи бирон аломат - Парвардигорнинг оятларидан бири келмагунича, масалан, қуёш кун чиқар тарафдан эмас, кун ботар тарафдан чиқмагунича - мана шу уч ишдан бири содир бўлмагунича улар ҳаргиз иймон келтирмасликлари айтилади.
Дарвоқе, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Макка мушрикларини Дини Исломга даъват қилганларида улар жон-жаҳдлари билан қаршилик қилишиб, оғизларига келган талабларни ўртага ташлаб иймон келтиришдан бош тортар эдилар.
Бу ҳақда бошқа оятларда шундай хабарлар келган: “Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бизларга (пайғамбарлик учун одам эмас, балки) фаришталар туширилса эди ёки бизлар Парвардигоримизни (ўз кўзимиз билан) кўрсак (ва У бизларга Муҳаммаднинг ҳақиқий Пайғамбар эканлигини билдирса) эди», дедилар. Дарҳақиқат, улар ўзларига бино қўйдилар ва жуда катта кетдилар.” (Фурқон сураси, 21-оят). “Ва дедилар: «Токи бизлар учун мана шу Ерни ёриб, бир чашма (чиқариб бермасанг) биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз. Ё сенинг хурмозор, узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ёриб дарёлар (пайдо қилмасанг); ёки ўзинг даъво қилганингдек, осмонни устимизга парча-парча қилиб туширмагунингча; ёки Оллоҳ ва фаришталарини олдимизга келтирмагунингча; ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунича; ёхуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи бизларга ўқийдиган бирон китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз ишонмаймиз». Айтинг: «Эй Пок Парвардигорим, мен фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одам эдим-ку!”. (Ал-Исро сураси, 90-93-оятлар).
“Улардан аввал ўтган (кофир) кимсалар ҳам мана шундай қилган эдилар (яъни, ўзларига келган пайғамбарларни ёлғончи қилишиб, ҳалокатга дучор бўлган эдилар). Уларга Оллоҳ жабр қилгани йўқ, балки улар (ўзлари) ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар”.
Яъни, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга иймон келтирмасдан у зотни ёлғончи қилган мушрик-кофирлар ҳам худди илгари ўтган умматлар орасидаги ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган кофир қавмлар каби Оллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлишлари аниқдир ва бу азоб-уқубатлар асло Ҳақ таоло томонидан уларга қилинган зулм эмасдир, балки аксинча Оллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган куфр ва ширк йўлини тутган ўша кофир кимсаларнинг ўзлари ўз ихтиёрлари билан ўзларига қилган зулмдир.
34. Бас, қилган ёмонликлари (уларнинг) ўзларига етди ва кулиб-масхара қилган нарсалари ўзларини ўраб (ҳалок этди).
Ушбу оятнинг энг гўзал тафсири мана бу ояти каримадир: (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, Сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам масхара қилиб кулинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша масхара - кулгилари ўраб, (домига тортиб) кетган (яъни, ҳалок қилган). (Анъом сураси, 10-оят).
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло тарафидан Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин ва тасаллийдир.
Макка мушрикларининг юқоридаги оятларда зикр қилинган турли-туман талаблари фақат Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилиш учун бўлар эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз ватандош ҳамшаҳарларидан - у зотнинг фақат рост сўзлайдиган эканликларини жуда яхши биладиган кимсалардан бундай сўзларни эшитганларида кўнгиллари оғрир эди. Бас, Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига қавмларининг бундай беодобликларидан тасаллий бериб ушбу оятларни нозил қилди ва илгари ўтган элчи-пайғамбарлар ҳам Ҳақ Йўлга даъват этганларида қавмлари уларни масхара қилганлари, сўнгра ўша масхарабоз қавмларнинг ҳаммаси мана шу дунёнинг ўзидаёқ бу қилмишлари жазосини олиб, ҳалок қилинганлари ҳақида хабар берди.
Демак, Оллоҳ таолонинг элчилари устидан кулиб, масхара қилиш қа-димий иллатлардан экан. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Биз Сиздан илгари ўтган, аввалги (турли-туман) тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайгамбарни масхара қилиб кулган эдилар. Шунингдек, уни (яъни, пайғамбарлар устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи - осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз”. (Ҳижр сураси, 10-12-оятлар).
Шунингдек, ушбу оятлар охир-оқибатда Пайғамбар алайҳис-салом ва умматлари ғолиб бўлиши ҳақидаги хушхабар ҳамдир. Бу мазмун бошқа оятларда янада очиқроқ баён қилинган: “Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг! Албатта Биз Ўзимиз Сизни масхара қилгувчиларга (яъни, уларни ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз”. (Ҳижр сураси, 94-95-оятлар).
Дарвоқеъ, орадан ҳеч қанча муддат ўтмасдан Бадр жангида Оллох таоло Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни масхара қилиб устидан кулган етмиш кофирни, улар орасида Қурайш катталаридан бўлган беш масхарабозни бир кунда ҳалок қилди.
35. Мушрик бўлган кимсалар: «Агар Оллоҳ хоҳлаганида эди, биз (ҳам), ота-боболаримиз (ҳам) Ундан ўзга бирон нарсага ибодат қилмаган, ва У(нинг ҳукми)сиз бирон нарсани ҳаром қилмаган бўлур эдик», дедилар. Улардан аввал ўтган (кофир) кимсалар ҳам мана шундай қилган эдилар (яъни, ўз ихтиёрлари билан куфр йўлини танлаб, сўнгра: «Бизнинг кофирлигимизга ОллоҳнингЎзи сабаб», деб Оллоҳтаоло Шаънига туҳмат қилган эдилар). Пайғамбарлар зиммасида (одамларни мажбуран динга киргизиш эмас, балки) фақат (Оллоҳ нозил қилган ваҳийни) очиқ-ойдин етказиш бордир.
Ушбу ояти карима Қуръони Мажид Оллоҳ таолонинг Ҳақ Каломи эканига яна бир Илоҳий далилдир. Чунки унда мушриклар айтадиган сўзлари, ўзларининг куфр ва исёнларини оқлаш учун кўрсатадиган баҳоналари ҳақида аввалдан хабар берилди ва кейин иш худди Ҳақ таоло хабар берганидек бўлди. Яъни, мушриклар куфр йўлини танлаганларига, ҳалол нарсаларни ҳаром қилиб олганларига ўзларини эмас, балки Оллоҳ таолони айбдор қилмоқчи бўлдилар - Пок Парвардигорга туҳмат қилдилар. Улар: “Агар Оллоҳ хоҳламаганида, яъни Унинг буйруғи ва розилиги бўлмаганида, бизлар кофир бўлмаган бўлар эдик”, деб даъво қилдилар.
Ҳақ таоло мушрикларнинг келажакда айтадиган бундай асоссиз сўзлари ҳақида Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хабар берар экан, уларнинг ота-боболари ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларни мана шундай ёлғончи қилишиб, сўнгра Оллоҳ таоло шаънига ёлғон сўзларни тўқиганлари учун Яратганнинг азобига дучор бўлганларини айтади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам зикр қилинган: “Ҳали мушрик бўлган кимсалар: «Агар Оллоҳ хоҳлаганида на биз, на ота-боболаримиз мушрик бўлмаган ва бирон нарсани ҳаром қилиб олмаган бўлур эдик», дейдилар. Улардан аввалгилари ҳам то азобимизни тотгунларича (ўз пайғамбарларини) мана шундай ёлғончи қилганлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Олдиларингда бизга кўрсатадиган (айтаётган сўзларингизни тасдиқловчи) бирон ҳужжатингиз борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз, сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз!”. (Анъом сураси, 148-оят).
Оят мазмунидан маълум бўлишича, мушрикларнинг: “Агар Оллоҳ мушрик бўлмаслигимизни хоҳлаганида бизлар хдм, ота-боболаримиз ҳам мушрик бўлмас эдик”, деган сўзлари уларни оқлай олмайди. Оллоҳ таоло уларнинг бундай сўзларини асоссиз гумон ва ёлғон деб атади. Ҳолбуки, “Фақат Оллоҳ хоҳлаган нарса бўлади ва У хоҳламаган нарса ҳеч қачон бўлмайди”, деган ақида Исломий эътиқоднинг бир бўлаги экани ҳам маълумдир.
Демак, бу ўринда сўз кофир ва жоҳил кимсалар “Фақат Оллоҳ хоҳлаган иш бўлади”, деган иборани тамоман нотўғри талқин қилишлари ҳақида бормоқда. Яъни, улар инсонни ҳеч қандай ихтиёрга эга эмас, гўё бир ҳас-хашак каби шамол қаёққа учирса ўша ёққа учиб кетаверадиган, бинобарин, айтган сўзига ва қилган ишига жавобгар бўлмайдиган ожиз махлуқ деб даъво қиладилар. Ояти каримада мушрикларнинг худди мана шу даъволари ҳеч қандай асоссиз гумон ва ёлғон экани айтилади.
Мусулмон инсон эса, Исломий эътиқоднинг бир бўлаги бўлган “Фақат Оллоҳ хоҳлаган иш бўлади”, деган иборани бутунлай бошқача тушунади. У Оллоҳ таолонинг Хоҳишига қарши турадиган ҳеч қандай куч йўқ эканини теран англайди ва Ҳақ таоло буюрган ишга қўл урар экан: “Иншооллоҳ - Худо хоҳласа мана шу амални адо қиламан”, деб эътиқод қилади ёки Оллоҳ таоло қайтарган хато ва гуноҳлардан ўзини тияр экан: “Иншооллоҳ, Ўзи мени бу ёмонликдан асрайди”, деб ҳар бир иш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Хоҳиши билан бўлишига аниқ ишонади. Шунингдек, бутун ҳаёти давомида кўрадиган яхши, фараҳли кунларини ҳам, ёки аксинча, бало-мусибатли кунларни ҳам фақат Оллоҳ таолонинг Хоҳиши - Иродаси билан бўлишига иймон келтиради. Чунки Оллоҳ субҳонаху ва таолонингЎзи Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг барча умматларига қилмоқчи бўлган барча ишларини “Иншооллоҳ - Оллоҳ хоҳласа” деб бошлашни буюрган: “Ва бирон нарса ҳақида: “Мен, албатта, бу ишни эртага қилгувчиман”, дея кўрманг, магар “Иншооллоҳ - Оллоҳ хоҳласа”, (денг! Бу сўзни айтишни) унутиб қолдир-ган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг (яъни, “Иншооллоҳ”, денг)!”.
Демак, дунё ва Охиратдаги катта-ю кичик ҳар бир иш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Хоҳиши билан бўлиши Илоҳий Ҳақиқатдир, аммо бу асло бандалар ўз қилмишлари учун жавоб бермайдилар, дегани эмасдир. Чунки Яратган инсонларга яхши ва ёмонни ажратадиган ақл берган, савоб ёки гуноҳни танлаш имкониятини берган ва Ўзининг Ҳақ Йўлини кўрсатиб берадиган Китоблар нозил қилган ҳамда уларни одамларга етказадиган элчилар юборган. Бас, мушрикларнинг: “Агар Оллоҳ хоҳлаганда на биз, на ота-боболаримиз мушрик бўлмаган ва бирон нарсани ҳаром қилиб олмаган бўлур эдик”, деган сўзлари улар учун ҳеч қандай хужжат бўла олмайди.
“Пайғамбарлар зиммасида (одамларни мажбуран динга киргизиш эмас, балки) фақат (Оллоҳ нозил қилган ваҳийни) очиқ-ойдин етказиш бордир”.
Яъни, барча пайғамбарларнинг, жумладан Оллоҳ таолонинг Ер юзига юборган сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг вазифалари бирон кимсани мажбурлаб ҳидоят қилиш ё кўзлаган мақсадига муваффақ қилиш ёки бировнинг қилган амалига савоб бериш эмас, балки у зотнинг зиммаларида фақат етказиш - Оллоҳ таоло нозил қилган Динни одамларга тўла-тўкис ҳолда - бирон нарсани камайтирмасдан, бирон нарсани қўшмасдан, Ҳақ таоло қандай туширган бўлса, худди ўша ҳолда етказиш бордир, холос. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам зиммаларига қўйилган бу улуғ Рисолат - Вазифани шараф билан мукаммал адо этдилар. Дини Ислом ва унинг асоси бўлган Қуръони Азим тўла-тўкис инсониятга етказилди, уни ҳеч ким, ҳеч қачон йўқота олмаслигига, ўзгартира олмаслигига Илоҳий Кафолат ҳам берилди: “Албатта бу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз”. (Ҳижр сураси, 9-оят). Бас, ҳеч ким: “Менга Қуръон, Ислом тўла ҳолда етмади, агар етганида амал қилган бўлар эдим”, деб баҳона кўрсата олмайди.
Энди ким Оллоҳга ва Унинг Элчисига иймон келтиради, ким кофир бўлади; ким Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилади, ким итоатсиз-фосиқ бўлади; ким чин дилдан иймон келтиради, ким мунофиқлик билан тил учида мўминлик даъво қилади - буларнинг барига баҳо бериш, мўминларга мукофот, кофир-мунофиқларга жазо бериш Ёлғиз Оллоҳ таолога - инсонларнинг тилларида ошкор қилган сўзларини ҳам, дилларидаги яширган ўйларини ҳам аниқ биладиган Жаноби Ҳақнинг Ўзига ҳавола - Унинг Ўзи кофирни дўзах азобига гирифтор қилади, мўмин бандаларига эса жаннат неъматларини ато этади.
36. Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Оллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир элчи юборганмиз. Шунда (ўша умматлар) орасида Оллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар.
Ояти каримада Ҳақ таоло аввал-у охир барча умматлар устида Ўзининг аниқ ҳужжати борлиги ҳақида, яъни, ҳар бир умматга Ўз томонидан элчи-пайғамбарлар юборгани ва у элчиларнинг ҳаммаси, қай замонда, қандай қавмга келмасинлар, фақат бир нарсага даъват қилганлари - “Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар, шайтондан йироқ бўлинглар”, деб буюрганлари ҳақида хабар беради. Демак, Ер юзи инсоният тарихи давомида ҳеч қачон Оллоҳ таоло томонидан юборилган элчи-пайғамбарлар таълимотидан холи бўлмаган. Демак, бирон уммат Эртага - Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло ҳузурида “Бизга Тўғри Йўлни кўрсатиб берадиган элчиларинг ва уларнинг таълимоти етиб келмаган эди”, деб даъво қила олмайди. Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ таолога ибодат қилинглар, Унга ширк келтирманглар, шайтондан ва унинг йўлида юрадиган кимсалардан йироқ бўлинглар, деган Илоҳий Таълимот ҳар доим бўлган, ҳозир ҳам бор ва албатта келажақца ҳам бўлади, иншооллоҳ. Фақат бу Амри Илоҳий ол-дида одамлар икки тоифага бўлинадилар - Оллоҳ таоло Тўғри Йўлга ҳидоят қилган бахтли инсонлар Яратганнинг Амрига бўйинсуниб, Унга ибодат қиладилар, турли шайтоний йўллардан олис бўлиб икки дунё саодатига эришадилар; залолат йўлини танлаган кимсалар эса, Ҳақ таоло буюрган Тўғри Йўлдан четлаб, унинг элчиларини ёлғончи қилиб, шайтон васвасасига учадилар ва оқибат-натижада ҳалокатга юз тутадилар. “Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар!”.
Дарҳақиқат, Ернинг ҳар тарафларида кўрган одамларга асрлар қаърида қолиб кетган олис ўтмишдан ҳикоя қилгувчи осори атиқалар жуда кўпдир. Уларнинг орасида ўз замонида мисли бўлмаган муҳташам қаср-у саройлар осмондан ёғилган харсанг тошлар остида вайроналарга айланиб қолганини ҳам, тўфон балосига дучор бўлиб сув остида қолган бутун-бутун шаҳарларни ҳам, ўнлаб қулоч қалинликдаги қум, тош ёки тупроқ билан кўмиб қўйилган қалъаларни ҳам кўриш мумкин. Ибрат олгувчи инсон учун бундай мудҳиш манзаралар Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмларнинг оқибати қандай даҳшатли эканига очиқ далолат қилиб туради. Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончи деб масхара қилган мушрикларга ҳам Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлмасликлари учун ўтган кофир қавмларнинг топган оқибатларидан ибрат олиш буюрилди. Аммо уларнинг кўплари ибрат олмадилар ва натижада ҳалокатга юз тутдилар - ўзлари бошқалар учун “ибрат”га айландилар.
37. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз у (мушрик)ларнинг ҳидоят топишларига ташна бўлсангиз, бас, (билингки), Оллоҳ Ўзи йўлдан оздирадиган кимсаларни ҳаргиз ҳидоят қилмас ва улар учун бирон ёрдамчи ҳам бўлмас.
Дарҳақиқат, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Макка аҳлини Ҳақ Йўлга даъват қилиб Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан нозил бўлган Қуръон оятларини ўқиб берар эканлар, уларнинг ҳар бири Дини Исломни қабул қилиб Ҳидоят Йўлига киришини жуда-жуда хоҳлар, аммо ҳаётда бунинг аксини кўриб, уларнинг ўз ширкларида оёқ тираб турганларидан, Тўғри Йўлга юришни ҳеч хоҳламаётганларидан беҳад ғам-ғуссага ботар эдилар. Шунда Ҳақ таоло Ўз Элчисига таскин-тасаллий бериб ушбу оятни нозил қилди ва Оллоҳ адаштириб қўйган кимсалар ҳеч қачон Тўғри Йўлга юрмасликлари, уларга ҳеч ким ёрдам ҳам бера олмаслиги ҳақида хабар берди. Бу ҳақда мана бу оятда ҳам айтилган:
“Кимни Оллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас. (Оллоҳ) ундайларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилур”. (Аъроф сураси, 186-оят).
Ушбу ояти карима юқоридаги оятнинг жавобидир. Яъни, мушрик-кофирларнинг Оллоҳтаолони Танҳо Маъбуди Барҳақ, деб иймон келтирмасликларига ва Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончи қилишларига сабаб, уларни Оллоҳ Тўғри Йўлдан оздириб қўйгандир. Бас, бошқа биров уларни ҳидоят қила олмайди. Чунки “кимни Оллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас”. Энди улар ўзларининг зулм ва туғёнларида сарсон бўлиб юраверадилар, ўзлари тўқиб-топиб олган йўлларини бирдан-бир тўғри йўл деб даъво қилаверадилар. Агар у йўллари нотўғри экани аён бўлиб қолса ҳам, асло Тўғри Йўлга эмас, балки аввалги нотўғри йўлларидан ҳам нотўғрироқ, ноинсонийроқ йўлларга эргашиб кетаверадилар, аммо ҳеч қачон Тўғри Йўлга ҳидоят топа олмайдилар.
Муфассир уламолар айтишларича, Оллоҳ таоло адаштирди деган сўз асло Оллоҳуларни адашишга мажбур қилди, дегани эмасдир, балки уларнинг қалбларига куфр ўрнашиб, ўз ихтиёрлари билан зулм ва туғён йўлини танлашгач, Оллоҳ таоло уларни Тўғри Йўлни кўрмайдиган, у Йўлга даъват қилинса юрмайдиган қилиб қўйди, деганидир. Ундай адашганлар тўғрисида бир сурада шундай дейилади: “Қачон (ундай кимсага) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, у: «(Бу) аввалгилардан (қолган) афсоналар», дер. Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!”. (Мутаффифин сураси, 13-14-оятлар).
Яъни, уларнинг дилларини ўзларининг доимий касб-корлари бўлган гуноҳ ва жиноят занглари босиб қолгани сабабли улар Илоҳий Ҳақиқатни афсонадан ажрата олмаслар.
Ҳидоят Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлида эканига яна бир мисол мана бу оятдир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган киши-ларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгув-чидир”. (Қасас сураси, 56-оят).
Ушбу оят Пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Абу Толиб ҳақида нозил бўлгандир. Маълумки, Абу Толиб Муҳаммад алайҳис-саломни болалик чоғларидан бошлаб ўз оталиғига олиб, то умрининг охиригача ҳам у зотга ҳомийлик қилган бўлсада, ўзи Исломга кирмаган эди. Абу Толиб Пайғамбаримизни ўз ўғлидек яхши кўрар ва у зотни мудом бошқа мушрикларнинг хуружларидан ҳимоя қилиб келар эди. Шунинг учун ҳам унга ўлим соати яқинлашганида Пайғамбар алайҳис-салом уни кофир ҳолда ўлиб кетишини истамай: «Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» денг, мен Қиёмат Кунида сизни мўмин ҳолда вафот қилган деб гувоҳлик берай», деганларида, у: «Мен сенинг йўлинг ҳақ эканлигини биламан, аммо одамлар: «Абу Толиб ўлимдан қўрқиб иймон келтирди», дейишларини хоҳламай-ман», деб жавоб берган экан. Шунда, ўзининг суюкли амакиси дунёдан беиймон кўз юмаётганидан беҳад ғам-ғуссага тўлган Пайғамбарига Ҳақ таоло юқоридаги оятни нозил қилган.
38. Улар: «Оллоҳ ўлган кишиларни қайта тирилтирмайди», деб жон-жаҳдлари билан Оллоҳ Номига қасам ичдилар. Йўқ, (албатта тирилтирур!) Бу - У Зотнинг ҳақ ваъдасидир. Лекин одамларнинг кўплари (бу олам имтиҳон олами эканини, асл-абадий ҳаёт қайта тирилгандан кейин бўлишини) билмайдилар.
Тафсир китобларида ушбу ояти карима нозил қилинишига мана бу воқеа сабаб бўлгани айтилади: мусулмонлардан бўлган бир кишининг бир мушрик кимсада ҳаққи бор эди. У ўша мушрикнинг олдига бориб қарзини тўлашни талаб қилди ва сўзлари орасида агар бўйнидаги қарзидан тонадиган бўлса, эртага Оллоҳ таоло қайта тирилтирганида жавоб бериши ҳақида ҳам эслатди. Шунда ҳалиги мушрик: “Сен ўлгандан кейин яна қайта тириламан, деб ўйлайсанми? Оллоҳ ўладиган бирон кимсани қайта тирилтирмайди”, деб қасам ичган эди, Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди ва мушрик-кофирлар айтадиган бундай сўзларни қатъий рад этиб, албатта ўлганларнинг барчасини Қиёмат Куни қайта тирилтириши ҳақ эканини, аммо бу Илоҳий Ваъдага Оллоҳ таолонинг Қудратидан бехабар бўлган жоҳил кимсалар ишонмасликларини айтди. (“Тафсири Қуртубий”ва “Тафсири Мунийр”дан).
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ таоло деди: “Одам боласи Мени ёлғончи қилди, ҳолбуки у бундай қилишга ҳақли эмас эди, яна у Мени ҳақорат ҳам қилди, ҳолбуки у бунга ҳам ҳақли эмас эди. Унинг: “Оллоҳ мени ҳаргиз аввал-бошда яратгани каби яна қайтадан тирилтирмайди”, деган сўзи Мени ёлғончи қилганидир ва унинг: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган сўзи Мени ҳақорат қилганидир. Мен туғмаган, туғилмаган ва бирон кимса тенг бўлмаган Танҳо Беҳожат Зотдирман”.
39. Уларга (ҳаёти дунёда) талашиб-тортишадиган нарсаларини баён қилиб (кўрсатиб) бериш учун ҳамда кофир бўлган кимсалар ўзларининг ёлғончи эканликларини билишлари учун ҳам (албатта Оллоҳ барча халойиқни қайта тирилтирур).
Демак, Оллоҳ таоло мўмин-у кофир барча инсонларни Қиёмат Куни қайта тирилтиришининг ҳикмати шудир: одамларга улар талашиб-тортишиб ўтган барча нарсаларнинг ҳақиқатини баён қилиб, ким ҳақ, ким ноҳақ бўлганини аниқ ажратиб бериш учун, мутлақ адолатни қарор топтириб, покни нопокдан, итоаткорни итоатсиздан, золимни мазлумдан ажратиш учун, куфр-исён билан яшаб ўтган кимсаларни қилмишларига яраша жазолаш ва чиройли амаллар қилиб ўтган мўминларни амалларига яраша мукофотлаш учун албатта Оллоҳ таоло уларни қайтадан тирилтириши аниқдир. Шунингдек, “Оллоҳўлганларни ҳеч қачон қайта тирилтирмайди”, деб қасам ичган кофир - жоҳил кимсалар маҳшаргоҳга тўпланган жамийки халойиқ кўз ўнгида ўзларининг ёлғончи эканликларини билиб олишлари учун ҳам, албатта, қайта тириладилар.
“(Ва уларга дейилур): «Сизлар ёлғон, деб юрган дўзах мана шудир! Қани, бу (азоб) ҳам сеҳрми ёки сизлар (ҳаёти дунёда ҳақни кўра олмаганларингиз каби бу азобни ҳам) кўрмаяпсизларми?! (Дўзахга) кирингиз! Энди (унинг азобига) хоҳ сабр қилинглар, хоҳ сабр қилманглар, сизларга баробардир! (Яъни, у азоб сизлардан енгиллатилмас). - Сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган қилмишларингизнинг жазосини тортурсизлар!”. (Ват-тур сураси, 14-16-оятлар).
40. Биз бирон нарсани ирода қилсак, унга айтадиган Сўзимиз «Бўл», демоқликдир. Бас, ўша нарса бўлур.
Яъни, Оллоҳ таолонинг нарсаларни яратиши модда ёки муддатга муҳтож эмас, балки Оллоҳ ирода қилган ҳар қандай иш - нарса - ҳодиса, жумладан, ўлган инсонларни қайта тирилтириш ҳам, У Зотнинг фақат бирги-на “Бўл” деган Амри билан ўша лаҳзада пайдо бўлади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Яратмоқчи бўлган ҳар бир нарсамиз учун) Бизнинг Фармонимиз фақат биргина (яъни, «Бўл», деган сўз)дир. (Бас, ўша нарса) кўз юмиб очгунча (йўқдан бор бўлур)”. (Қамар сураси, 50-оят).
“(Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (Қиёмат Кунида) қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Оллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир”. (Лукуион сураси, 28-оят).
Имом Аҳмад ва Термизий Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу ҳадиси қудсий ҳар бир иш Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Қўлида эканига, Ер-у кўкда фақат Унинг Сўзи ўтишига ва У Зот “Бўл” деган нарса ўша онда пайдо бўлишига яна бир Илоҳий далилдир: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло айтур: “Эй Одам боласи, сизларнинг барчангиз гуноҳкордирсиз, магар Мен саломат сақлаган кишигина ундан пок бўлур, бас, Мендан мағфират сўранглар, сизларни мағфират қилурман; сизларнинг барчангиз фақир-муҳтождирсизлар, магар Мен бой қилиб қўйган кишигина бой-беҳожат бўлур, бас, сизлар Мендан сўранглар, сўраганларингизни берурман; сизларнинг барчангиз залолатдадирсиз, магар Мен ҳидоят қилган кишигина Тўғри Йўлда бўлур, бас, сизлар Мендан Ҳидоят сўранглар, Мен сизларни ҳидоят қилурман. Ким Менинг мағфират қилишга Қодир эканимни билган ҳолида Мендан мағфират сўраса, Мен уни мағфират қилурман ва (унинг гуноҳи каттами ёки кичикми эканига) парво ҳам қилмайман. Агар сизларнинг аввал-у охирларингиз, тириг-у ўликларингиз, хўл-у қуруқларингиз (яъни, дунёга келган ва келадиган инсонларнинг барчаси) сизлардан энг бадбахт бир кимсанинг қалбига жамланиб олганларингизда ҳам бу нарса (яъни, жамийки инсониятнинг баробар кофир бўлиши) Менинг Султонлигимдан бир пашанинг қанотичалик камайтира олмайди. Агар сизларнинг аввал-у охирларингиз, тириг-у ўликларингиз, хўл-у қуруқларингиз (яъни, дунёга келган ва келадиган инсонларнинг барчаси) сизлардан энг тақволи бир кишининг қалбига жамланганларингизда ҳам бу нарса (яъни жамийки инсониятнинг баробар тақволи мўмин бўлиши) Менинг Султонлигимга бир пашанинг қанотичалик нарсани зиёда қилмайди. Агар сизларнинг аввал-у охирларингиз, тириг-у ўликларингиз, хўл-у қуруқларингиз Мендан сўрасалар, ҳатто улардан ҳар бирининг сўрайдиган нарсаси тугаб битса ва Мен уларнинг сўраган барча нарсаларини ато этсам, бу нарса Менинг ҳузуримдаги хазинадан бировингиз бир игнани денгизга суқиб қайтиб олганчалик камайтирмайди. Бунга сабаб, Мен Буюк Лутфу Карам Соҳиби бўлмиш Холиқдирман, Менинг ато этишим ҳам Сўз, азоб беришим ҳам Сўздир - Менинг ишим, қачон бирон нарсани ирода қилсам, фақат: “Бўл”, дейман холос, бас, у нарса ўша лаҳзада пайдо бўлур”. (“Дуррул-Мансур” тафсиридан).
41. Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг, Оллоҳ Йўлида ҳижрат қилган зотлар учун биз албатта бу дунёда ҳам гўзал (мукофотлар) ҳозир қилурмиз. (Улар учун) Охират ажри - мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!
“Тафсири Бағавийда”да айтилишича, ушбу ва қуйидаги ояти карима Билол, Суҳайб, Хаббоб, Аммор, Обис, Жабр ва Абу Жандал ибн Суҳайл каби саҳобийлар (Оллоҳ барчаларидан рози бўлгай), ҳақида нозил бўлган. Маккада мушриклар уларни ушлаб кўп азоб-уқубатларга дучор қилган эдилар.
Қатода эса: “Улар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган барча саҳобаларидир. Мушриклар уларни мўмин бўлганлари учун ўз диёрларидан ҳайдадилар, ҳатто улардан бир жамоат Ҳабашистонга кетди, сўнгра Оллоҳ таоло уларга Мадинайи Мунавварадан жой ато этди ва у шаҳарни муҳожирлар учун ҳижрат диёри қилиб, мўминлардан уларга ёрдамчи ансорларни ҳам тайёрлаб қўйди”, деб тафсир қилган. (“Дуррул Мансур” тафсиридан).
“Танвирул-азҳон” тафсирида аввал Ҳабашистонга, сўнгра Мадинага ҳижрат қилган саҳобалар “икки ҳижратни жамлаганлар”, дейилиб, сўнгра ушбу ривоят келтирилади: “Қачонки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қурайш кофирлари томонидан мусулмонлар устига кетма-кет тушаётган турли зулм-зуравонликларни кўрганларидан кейин уларга: “Энди сизлар Ернинг ҳар тарафига тарқалинглар, яқинда албатта Оллоҳ сизларни жамлаб олур”, дедилар. Улар: “Қаёққа борамиз, ё Расулуллоҳ”, дейишган эди, “Сизлар Ҳабаш юртига чиқиб кетинглар. У жойда бир улуғ подшоҳ бор, унинг ҳузурида ҳеч кимга зулм қилинмайди. У ер рост - тоза жойдир. То Оллоҳ таоло бошларингизга тушган қийинчиликдан чиқиш йўлини кўрсатгунига қадар ўша жойда турурсизлар”, дедилар.
Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида қачон муҳожирлардан бирор кишига ҳадялар ато этса: “Олгин, Оллоҳ сенга буни муборак қилсин. Бу Оллоҳ таоло сенга мана шу дунёда ваъда қилган мукофотидир, У Зотнинг сен учун Охиратга олиб қўйган мукофоти янада яхшироқдир”, дер ва ушбу оятни тиловат қилар эди. (“Тафсири Куртубий”дан).
42. Улар (мушриклар етказган озор-азийятларга) сабр-тоқат қилган ва Ёлғиз Парвардигорларигагина таваккул қиладиган - суянадиган зотлардир.
Яъни, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг амрларига итоат этиб аввал Ҳабашистонга, сўнгра, маълум муддат ўтганидан кейин Мадинайи мунавварага ҳижрат қилган саҳобаларнинг барчалари туғилган ватанларидан, ватанки, Байтуллоҳга макон бўлган Маккайи Мукаррамадан ажралишга сабр қилган, бу машаққатли сафарларида бошларига қандай кўргуликлар тушмасин, Ёлғиз Оллоҳдан деб билган ва барча ишларида фақат Танҳо Парвардигорга суянадиган кишилар эдилар.
Ояти карима мазмунидан маълум бўладики, Меҳрибон Парвардиго-римиз мўмин бандаларига қилган солиҳ амаллари учун мағфират ва ажр-мукофотлар ато этгани каби бошларига тушган қийинчилик-машаққатларга сабр қилганлари учун ҳам мағфират ва ажр-мукофотлар ато этар экан. Яъни, “сабр таги сариқ олтин” деб бежиз айтилмас экан. Ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган ғам-кулфат ва синовларга ёки киши ўзи учун азиз бўлган нарсалардан айрилиб қолишидек оғир мусибатларга Ёлғиз Оллоҳ таолога суяниб сабр-тоқат қилган кишилар учун улуғ ажр-мукофотлар борлиги ҳақида ҳадисларда ҳам айтилган: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мўминга ғам, ташвиш, қийинчилик, касаллик, хафагарчилик етадиган бўлса, ҳатто баданига бир тикан кирадиган бўлса ҳам, албатта, Оллоҳ таоло ўша нарсаларни унинг хатоларига каффорат қилади”.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Оллоҳ таоло мўминга қандай ҳукм қилган бўлмасин, (Яъни, унинг бошига яхши ёки ёмон кунни туширган бўлмасин), албатта унинг учун яхшилик бўлур: Агар унга бирон яхшилик етса-ю, у шукр қилса, ўзи учун яхшилик бўлур, шунингдек, агар унга бирон ёмонлик етса-ю, у сабр қилса, мана шу ёмонлик ҳам унинг учун яхшилик бўлур. Бу мўминдан бошқа ҳеч кимга берилган эмасдир”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Мунийр”дан). Шунинг учун ҳам Умар розияллоҳу анҳу: “Шукр ва сабр мен учун икки уловдирки, улардан қай бирини бўлса ҳам ҳеч парво қилмасдан минавераман”, деб сабр ва шукрнинг ҳар бири бандани Оллоҳтаолога яқин қилгувчи неъматлар эканига ишора қилар эди. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).
43. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан (яъни, Сизни Пайғамбар қилиб юборишимиздан) илгари ҳам (фаришталарни эмас, балки) фақат (Сиз каби) кишиларни - инсонларнигина Ўзимиз туширган ваҳий билан (Пайғамбар қилиб) юборганмиз. (Эй мушриклар), агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, зикр аҳлидан (яъни, Таврот ва Инжилни биладиган илмли кишилардан) сўранглар!
Ушбу ояти карима Макка мушриклари Муҳаммад алйҳис-саломнинг Пайғамбар эканликларини инкор қилишиб: «Оллоҳ одамзотни Ўзининг элчиси қилиб юбормайди. Агар фаришта келиб, мен Оллоҳнинг элчиси-ман, деганида, иймон келтирган бўлур эдик», деганларида нозил бўлган. (Воқидийнинг “Асбобун-нузул”китобидан).
Ояти каримада аҳли Китоб - яҳудий ва насронийлар зикр аҳли деб аталишларига сабаб, уларга Оллоҳнинг Зикри - Эслатмаси бўлмиш Таврот ва Инжил китоблари нозил бўлганидир, Макка мушриклари улардан сўрашга буюрилишларининг сабаби эса, яҳудий ва насронийлар гарчи Ҳаз-рати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтиришмаса-да, у зотдан илгари юборилган барча пайғамбарлар ҳам фаришталардан эмас, инсонлардан бўлганларини тасдиқлашар эди.
Ушбу оят Оллоҳ таоло Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат билан оммани Ҳақ Йўлга даъват этадиган элчи - пайғамбарларини фаришталардан, аёллардан ва ёш болалардан эмас, балки фақат эр кишилардан танлаб юборганига далилдир. Одам алайҳис-саломдан бошлаб то Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган Элчи - пайғамбарларнинг барчалари эр кишилар эдилар.
Шунингдек, ояти карима билмайдиган илмсиз кишилар Дин ва Шариат ҳукмларини илм аҳлидан сўраб ўрганишлари вожиб эканлигига ҳам далилдир. Чунки Ҳақ таоло “Агар билмайдиган бўлсангизлар зикр аҳлидан сўранглар!” деб буюрди. Гарчи муфассир уламолар: “бу ўринда омий-жоҳил арабларга ўзлари илмли деб ҳисоблайдиган аҳли Китоб уламолардан сўраш буюрилмоқда”, деб тафсир қилсалар-да, жумла лафзининг умумийлиги эътибори билан сўз фақат аҳли Китоблардан бўлган уламолар ҳақида эмас, балки биринчи галда ҳақиқий ва энг мукаммал Зикр - Эслатма, яъни, Қуръон аҳли бўлмиш Ислом олимлари ҳақида ҳам бораётгани маълум бўлади. (Бу ҳақда қуйидаги оятда ҳам хабар берилади).
Демак, ояти карима ҳукми билан, мусулмонлар орасидаги Дин илмидан яхши хабардор бўлмаган кишилар ҳам ўзларининг билимсизликларига кўниб, “биз омий одамлар бўлсак”, деб Шариат аҳкомларига амал қилмасдан, ёки ўз “билганларига” - турли бидъат-хурофотларга берилиб юравермасдан, албатта уламолардан сўраб билиб, сўнгра ана ўша олган билимларига амал қилишлари лозимдир.
44. (Биз аввалги пайғамбарларни) очиқ ҳужжатлар ва Китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса, токи Сиз одамларга нозил қилинган нарсаларни (яъни, Шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд улар тафаккур қилсалар, деб бу Эслатмани - Куръонни нозил қилдик.
Яъни, Оллоҳ таоло аввал юборган элчи - пайғамбарларининг айримларига уларнинг ҳақ пайғамбар эканликларини исботловчи оят-мўъжизалар ато этган бўлса, айримларига Таврот, Забур, Инжил каби китоблар нозил қилгандир. Энди Ўзининг сўнгги ЭлчисиҲазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга эса, энг Буюк Эслатма - Қуръони Азимни нозил қилди ва у зотнинг зиммаларига Қуръондаги ҳар бир ҳукмни умматларига аниқ-равшан баён қилиб бериш вазифасини юклади. Албатта, бу қадар буюк вазифани тўла-тўкис адо этишлари учун Ҳақ таоло Ўз Элчисига Қуръон билан бирга яна бошқа бирон пайғамбарга берилмаган Илоҳий Билим ҳам ато этдики, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бу ҳақда: “Менга Қуръон ва у билан бирга яна ўшанча илм берилди”, деб эътироф этдилар. Демак, Пайғамбар алайҳис-салом фақат ўзларига нозил қилинган Қуръон оятларини етказибгина қолмасдан, ўз ҳадислари билан ҳар бир оятни шарҳлаб, тушунтириб ҳам бердилар. Бас, Қуръонни тўла ва тўғри англамоқчи бўлган киши, албатта Ҳадисга мурожаат қилиши лозимдир.
Ояти карима ниҳоясида “шояд улар таффаккур қилсалар”, дейилиши билан инсонлар фақат чуқур тафаккур қилиб ўрганиш билангина ўзлари учун Эслатма қилиб юборилган Каломуллоҳ сирларидан воқиф бў-лишлари мумкин эканлиги уқтирилади. Зотан, ҳадиси шарифда ҳам “Бир соат тафаккур қилиш тун бўйи бедор бўлиб ибодат қилишдан хайрлироқдир”, деб бежиз айтилмагандир.
45. (Одамларни Оллоҳнинг Динидан тўсиш учун Исломга қарши) энг ёмон макру ҳийлаларни қилган кимсалар Оллоҳ уларни Ерга ютдириб юборишидан хотиржаммилар?! Ёки уларга сезмаган-кутмаган тарафларидан (Оллоҳнинг) азоби келиб қолишидан (хотиржаммилар)?!
Ушбу ва қуйидаги оятларда Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилиб, у зот келтирган Ҳақ Динга кофир бўлган ва бошқаларни ҳам Ислом Динини қабул қилишдан турли ҳийла-найранглар билан тўсаётган Макка мушриклари ҳақида сўз боради.
Яъни, ўтмишдаги кофир қавмлар қандоқ балоларга гирифтор бўлдилар?! Бир қавм сувга ғарқ бўлиб кетди, яна бир қавм устига тош ёғилиб ҳалок бўлди, яна бошқаси эса, даҳшатли зилзила билан ҳалок қилинди... Оллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилганларнинг оқибатлари қандай бўлгани тўғрисида келган шунча хабарларни эшитиб-билиб туриб ҳам бу Макка ва унинг атрофидаги мушрик-кофирлар қандай қилиб тунлари хотиржам ухламоқдалар, кундузларини эса ғафлатда, ўйин-кулги билан ўтказмоқдалар?! Оллоҳ таоло юборган сўнгги Элчини ёлғончи деб, у зотга нозил қилинган Илоҳий Мўъжизани - Қуръони Азимни инкор қилиб туриб - тунлари уйқуда бўлган вақтларида бошларига Оллоҳнинг азоби тушиб ҳалок бўлиб кетишдан ёки кундузлари беҳуда ўйин-кулги билан овора бўлган пайтларида устларига Оллоҳнинг азоби тушиб йўқ бўлиб кетишдан қўрқмайдиларми?! Нега ўтганларнинг аҳволларидан ибрат олмаяптилар?! Уларнинг бошларига ҳам илгари ўтган кофир қавмларнинг куни тушиб қолиши мумкин-ку?!, деб Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканини инкор қилаётган, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтириб, бутларга сиғинаётган мушрик-кофирлар огоҳлантириладилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оятдаги “Оллоҳ уларни Ерга ютдириб юборишидан хотиржаммилар?!”. жумласини “худди Қорунни Ерга ютдириб юборганидек”, деб тафсир қилади. (Қорун ва унинг қандай ҳалок қилингани ҳақида Қасас сурасининг 76-82-оятларида хабар берилган).
“...ёки уларга сезмаган-кутмаган тарафларидан (Оллоҳнинг) азоби келиб қолишидан (хотиржаммилар)?!” жумласини эса, айрим муфассирлар “худди Лут алайҳис-саломнинг қавми ва яна бошқа ҳеч кутмаган ҳолларида ҳалок қилиб юборилган қавмлар каби”, деб тафсир қилган бўлсалар, айримлари “худди Бадр жангида ҳалок қилиб юборилган мушриклар каби. Чунки уларнинг биронтаси ўша куни ҳалок бўлишини кутмаган-ўйламаган эди”, деб тафсир қилганлар. (“Тафсири Куртубий”дан).
46. Ёки (Оллоҳ) уларни сафар-саёҳатларда айланиб юрган чоғларида (бирон бало-офат билан) ушлаб, ҳеч қаёққа қочиб қутулолмай қолишларидан (қўрқмадиларми)?
Яъни, ёки ўша Макка мушриклари, (шунингдек, барча замон ва маконлардаги мушрик-кофир кимсалар), Дини Ислом ва мўмин-мусулмонларга қарши билган ёмонликларини қилиб юрар эканлар, роса ғафлатда турган пайтларида, масалан, ҳеч нарсани ташвишини қилмай сафар-саёҳатларда айланиб юрган ёки бозорларда олди-сотди қилиб турган ёхуд ётоқларида ғафлат уйқусида эканлар, у ёндан бу ёнларига ағдарилаётган чоғларида устларига ҳеч кутилмаганда бирон бало-офат тушиб, уларга қилган гуноҳ-маъсиятларини ювиш ёки тавба-тазарруъ қилиш учун бирон соат вақт берилмасдан барчалари ҳалок бўлиб, қирилиб кетишлари ҳам мумкин эканлигини ҳеч ўйлаб кўрмадиларми?! Ахир ундай кун бошларига тушганида улар ҳеч қаёққа қочиб қутула олмай қоладилар-ку?!
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “У қишлоқларнинг аҳли Бизнинг азобимиз уларга тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар? (Кутмаганмидилар?) Ёки у қишлоқларнинг аҳли Бизнинг азобимиз уларга чошгоҳ пайтида, улар ўйин-кулги қилаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар? Улар Оллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдиларми? Бас, Оллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўргувчи қавмгина хотиржам бўлур”. (Аъроф сураси, 97-99-оятлар).
47. Ёки (қилган макр-ҳийлаларининг оқибатидан ўзлари) қўрқиб-писиб юрган пайтларида, уларни (Оллоҳнинг балоси) ушлаб қолишидан (қўрқмадиларми)?! (Эй инсонлар), дарҳақиқат, Парвардигорингиз Меҳрибон ва Раҳмлидир.
Яъни, ёки ўша мушрик-кофирлар, бир тарафдан, ўзларига ўхшаган динсиз кимсалар бирин-кетин Оллоҳ таолонинг балосига гирифтор бўлиб қирилиб кетаётганларини кўриб, бошқа тарафдан эса, тобора кўпроқ кишилар Ислом Динини қабул қилиб куфр дунёси кундан-кунга қисқариб бораётганини кўриб турганлари учун, ўзларининг Дини Исломга ва мўмин-мусулмонларга қарши қилган макр-ҳийлаларининг оқибатидан қўрқиб, эртами-кечми ҳалок бўлиб кетишларига кўзлари етиб қолганидан жонларини ҳовучлаб юрган кунларида бошларига Оллоҳнинг балоси тушиб қолиши мумкин эканлигини ҳеч ўйлаб кўрмадиларми?! Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилгандир: (Макка мушриклари) Биз Ерни атрофидан камайтириб келаётганимизни (тобора кўпроқ кишилар Ислом Динини қабул қилиб, куфр дунёси қисқариб бораётганини) кўрмадиларми? Оллоҳ ҳукм қилур - Унинг Хукмини таъқиб қилгувчи бирон кимса йўқдир. У тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир. (Раъд сураси, 41-оят).
Аксари муфассирлар ушбу ояти каримада зикр қилинган “Ернинг ка-майтирилиши”дан мурод, ширк-куфр диёрлари чор-атрофдан фатҳ қилиниб, мусулмонлар қўл остига ўтаётганидир, дейдилар. Чунки Ислом диёрлари кенгайиб борган сайин куфр диёрлари камайиб - йўқолиб бориши аниқдир. Бу Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Қатода ва яна бир гуруҳ уламолар томонидан ривоят қилинган тафсирдир.
“(Эй инсонлар), дарҳақиқат, Парвардигорингиз Меҳрибон ва Раҳимлидир”. Яъни, Ҳақ таоло бандаларига бениҳоя Меҳрибон ва Раҳмли Зот бўлганлиги учун ҳам, дарҳол инсонларнинг қилмишларига яраша азоб-уқубат туширмасдан, улар ўзларини ўнглаб олишлари, хатоларини тузатиб, Тўғри Йўлга тушиб олишлари учун имконият-муҳлат беради.
“Саҳиҳайн”да ворид бўлган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч ким эшитган озор-азийятларига Оллоҳ таолодан сабрлироқ эмасдир: одамлар “Унинг боласи бор” деб У Зотнинг шаънига тухмат қилиб турсаларда, (Ўзининг азобини юбормай) уларга ризқу рўзларини бераверади, тинч-омон сақлайверади”, дедилар. Яна бир ҳадиси муборакларида эса: “Албатта Оллоҳ золим кимсага муҳлат берур, аммо уни Ўзининг азоби билан ушлаган вақтида эса, қутулиб кетишига асло йўл қўймас”, дедилар ва мана бу оятни ўқидилар: “Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим (бўлган) шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши - азоби аламли ва қаттиқдир”.
(Худ сураси 102-оят), (Бухорий, Муслим ва Термизий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилганлар).
48-49. Ахир улар Оллоҳ яратган барча нарсаларнинг соялари Оллоҳга сажда қилган ҳолда ўнгу сўлларига, эгилаётганини - улар (барчаси Оллоҳга) бўйинсунувчи эканликларини кўрмадиларми?! Осмонлардаги (қуёш, ой ва юлдузлар каби барча) нарсалар ва Ердаги барча жонзот ва (ҳатто) фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида Ёлғиз Оллоҳга сажда қилурлар.
Ушбу ва қуйидаги оят Қуръони Каримдаги Аъроф сурасининг 205-ояти ва Раъд сурасининг 15-оятидан кейинги учинчи сажда оятидир. Мазкур оятларда Ер-у кўкдаги барча нарса, ҳатто жонсиз жисмлар ҳам Ёлғиз Оллоҳга сажда қилиши эслатилар экан, бир гўзал мисол келтирила-ди: тоғ-тош ва дов-дарахт каби эгила олмайдиган нарсалар ҳам Яратганга сажда қилмасдан тура олмайдилар - улардан соялари ажралиб ўнгу-сўлга эгилиб сажда қиладилар - Ҳақ Таолога арзи бандалик қиладилар! Ўзларига ўхшаган бандаларга эгилиб-букилиб юрган, лекин Яратганга сажда қилишдан ор қиладиган кимсалар ўша тоғлардан ибрат олсалар эди!
Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳар гал сажда ояти ўқилганида сажда қилар ва саҳобаларини ҳам сажда қилишга буюрар эдилар. Шу боисдан Қуръондаги ҳар бир сажда ояти ўқилганида ўқувчи ҳам, тингловчи ҳам Оллоҳ учун бир марта сажда қилиши вожиб бўлади. Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Қачон Одам боласи сажда оятини ўқиб сажда қилса, ундан шайтон четланиб: “Менга ўлим бўлсин, Одам боласи сажда қилишга буюрилди-да, сажда қилди ва жаннати бўлди, мен бўлсам сажда қилишга буюрилдим-у, бош тортдим ва дўзахи бўлдим”, деб йиғлайди”, дедилар. (Муслим ривояти).
“Ва фаришталар кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида Ёлғиз Оллоҳга сажда қилурлар”.
Ушбу жумлада Ҳақ Таоло Ўз ҳузурида энг юксак қадр-мартаба эгалари бўлган бегуноҳ малоикалар ҳам Унга ибодат қилишдан орланмасликларини, балки кеча-ю кундузи Ёлғиз УнингЎзига сажда қилишларини таъкидлаш билан барча инсонларни ҳам малоикалардан ибрат олиб, Оллоҳ таолога ибодат қилишга, У Зотга сажда қилишга чорлайди.
50. У (малоика)лар устларидан (уларни кузатиб турган) Парвардигорларидан қурқурлар ва фақат ўзларига амр этилган ишларнигина қилурлар.
Яъни, осмонлардаги малоикалар, гарчи Ердаги жонли-ю жонсиз мавжудотдан юксакда турсалар-да, кибр қилмасдан Оллоҳ таолога сажда қиладилар. Чунки улар устларида барча ишларини кузатиб-кўриб турган Парвардигорларидан - бандалари устида (демак, коинотда мавжуд бўлган барча нарса устида) “Ғолиб бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло”дан (Анъом сураси, 18-оят) қўрқадилар. Шу боисдан ҳам фақат ўзларига буюрилган ишларнигина қилурлар.
Абу Зарри Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, мен сизлар кўрмайдиган нарсаларни кўрурман, сизлар эшитмайдиган нарсаларни эшитурман. Осмон ингради, инграши керак ҳам эди. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, осмонда тўрт панжа сиғадиган жой борки, албатта ўша жойда бир малак Оллоҳни улуғлаб турур. (Яъни, осмонда бирор қарич жой бўш бўлмай, само тўла малоикалар тинмасдан Оллоҳ таолони улуғлаб, У Зотга ҳамд ва тасбеҳ айтиб турурлар). Агар сизлар мен биладиган нарсаларни биладиган бўлсаларингиз, оз кулиб кўп йиғлар эдингизлар, тўшакларда аёлларингиз билан роҳат қилиб ётмаган, балки тоғ-тошларга дод деб чиқиб кетган бўлар эдингизлар”. Абу Зарр Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзларини эшитиб: “Қани энди мен (инсон эмас), экиб кўйилган бир дарахт бўлсам эди”, деб юборди. (“Тафсири Бағавий”дан).
51. Оллоҳ деди: Сизлар иккита худога сиғинманглар! Фақат Биргина Илоҳ (яъни, Ёлғиз Оллоҳ таоло) бордир, холос. Бас, Мендан қўрқингиз!
Юқоридаги оятларда Ер-у кўкдаги барча нарса Ёлғиз Оллоҳ таолога итоат билан сажда қилиши таъкидлангандан кейин ушбу ояти каримада яна бир бор Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ экани айтилиб, ҳеч қандай сохта “илоҳ”лар Унинг шериги бўла олмаслиги баён қилинади. Ҳақ таолонинг барча инсонларга хитоб қилиб, Ўзининг Танҳо Илоҳ эканини айтиши, У Зотнинг яна биронта шериги бўлиши асло мумкин эмаслигини алоҳида таъкидлаши билан мушриклар сиғинадиган, дуо-илтижолар қиладиган ва қўрқадиган “илоҳлар” мутлақо ҳеч нарса эмаслиги аниқ маълум бўлади. Оят сўнггида келган: “Бас, Мендан қўрқингиз!” деган Амри Илоҳий биринчидан, инсонлар Ёлғиз Оллохдан ўзга ҳеч кимдан қўрқмасликлари лозим эканини англатса, иккинчидан, мушрик кимсалар Ўша Танҳо Илоҳга ширк келтиришдан қўрқишлари кераклиги, агар мушрик бўлсалар, бу ишларининг оқибати улар учун албатта, ҳалокат ва дўзах азоби бўлиши хақида огоҳлантиради.
52. Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Уникидир. Дин ҳам абадул-абад Уникидир (яъни, тоат-ибодат ҳам абадул-абад Ёлғиз Унинг учун бўлмоғи лозимдир). Оллоҳдан ўзгалардан (яъни, жонсиз бутлардан ёки ўзларингизга ўхшаган одамлардан) қўрқурмисизлар?!
Яъни, осмонлар ва Ерда мавжуд бўлган ва бўладиган ҳар бир нарсанинг Яратгувчиси ҳам, демак, Эгаси ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Унинг Ўзи жамийки махлуқоти қатори ана ўша мушрик кимсаларни ҳам яратган, уларга ҳаёт, ризқ берган. Ўзи белгилаб қўйган муддат битгач, бандаларига ўлим берадиган Зот ҳам Танҳо Оллоҳ таолодир. Демак, ҳар бир банда модомики ҳаёт экан, умри бўйи Ёлғиз Оллоҳучун диндор бўлиши - тоат-ибодати ҳам, ихлосу итоати ҳам фақат Унинг ризосини кўзлаб қилиниши вожибдир. Зотан, мушрик кимсалар сиғинадиган барча бут-санамлар вақт-замон ўтиши билан йўқ бўлиб кетгувчидирлар, демак, ўша бутларга сиғинувчиларнинг ўйлаб топган “динлари” ҳам ўткинчи “динлар” эканида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Фақат Азалий ва Абадий Оллоҳ тао-лонинг Динигина мангу Дин бўлиб, Ер-у кўкдаги бор мавжудот абадул-абад У Зотга сиғинади, тасбеҳ айтади ва сажда қилади.
Бас, эй мушриклар, сизлар мана шу Ҳақиқатни билиб туриб, ўзларингиз барча нарсани Оллоҳ яратганини, ҳаёт ва ризқу рўз бергувчи ҳам Унинг Ўзи эканини, ҳамма Унга муҳтож эканини айтиб туриб, яна Унинг Ўзига ибодат қилиш, Ёлғиз Ундан қўрқиш ўрнига сохта “илоҳларга - ўзларингиз ясаб олган турли бут-санамларга дуо-илтижо қилиб, ўшалардан қўрқасизларми?! Ахир бу ишларингиз ақлли одамлар қиладиган иш эмаску?!
53. Ҳолбуки, сизларга қандай неъмат берилган бўлса, бас, у Ол-лоҳдандир. Кейин, сизларга (бирон) бало-мусибат етганида ҳам Ёлғиз Унга илтижо қилурсизлар.
Яъни, эй инсонлар, сизлар Оллоҳдан ўзгадан қўрқмасликларингиз вожиб бўлганидек, У Зотни кўйиб бошқа бировларга шукр қилмасликла-рингиз ҳам вожибдир. Чунки сизларга берилган соғ-омонлик, тинчлик-хотиржамлик, кенг-мўл ризқ... каби жамийки неъматлар Ёлғиз Оллоҳ таоло томонидан ато этилгандир. Шунингдек, бошларингизга касаллик ёки бирон хавф-хатар ё бало-мусибат тушиб қоладиган бўлса ҳам, ён-атрофингиздагилардан биронтаси дардингизга малҳам бўла олмаслигига кўзларингиз етганидан кейин додингизни айтиб йиғлайдиганингиз, нажот беришини сўраб дуо-илтижолар қиладиганингиз Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир.
54-55. Сўнг, У Зот сизлардан балони аритганида эса, баногоҳ сизларнинг орангиздан бир тўда чиқиб, Биз уларга ато этган нарсаларга куфрони неъмат қилишиб, Парвардигорларига ширк келтирурлар. Бас, (эй мушриклар, тўрт кунлик дунёда Биз берган неъматлардан) фойдаланиб қолинглар. Яқинда, (Қиёмат Кунида бу ширкларингизнинг оқибатини) билурсизлар!
Яъни, эй инсонлар, сўнгра, сизлар Оллоҳ таолога дуо-илтижолар қилиб, бошларингизга тушган бало-мусибатдан нажот беришини сўраб ялиниб, ёлворганингиздан кейин У Зот Ўз Раҳмати билан бошларингиздан балони аритиб, яна тинчлик, саломатлик ва хотиржамлик неъматини ато этганида эса, ораларингиздаги айрим кимсалар Оллоҳ таолога шукроналар айтиш, мушкилларини осон қилгани учун Меҳрибон Парвардигорга янада астойдил тоат-ибодат қилиш ўрнига жирканч нонкўрлик йўлини тутадилар - Яратганга шукр келтириш ўрнига ширк келтирадилар, У Зот ато этган неъматнинг раҳматини бошқаларга - ўзлари сиғинадиган, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бутларига айтадилар! Худди дарди оғирлашиб, азоб чекаётганида тинмай: “Оллоҳим, дардимга шифо бергин. Агар Ўзинг шифо бермасанг, ҳеч қандай дори-дармон кор қилмаяпти”, деб дуо-илтижо қилиб, сўнгра, Оллоҳ таоло шифо бериб, тузалиб кетганидан кейин: “Мени мана бу дори тузатди”, деб юрадиган аҳмоқ кимса каби!
“Бас, (эй мушриклар, тўрт кунлик дунёда Биз берган неъматлардан) фойдаланиб қолинглар. Яқинда (Қиёмат Кунида бу ширкларингизнинг оқибатини) билурсизлар!”
Мушрик-кофирларга қаратилган бундай Илоҳий Таҳдидлар бошқа сураларда ҳам келади: “Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин». Аниқки, Биз золим - кофирлар учун алангалари (дўзахиларни) ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, уларга эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!” (Каҳф сураси, 29-оят).
Қуйидаги оятларда мушрикларнинг ҳақиқий жоҳил кимсалар эканини янада очиқроқ кўрсатиб турадиган иш-амаллари зикр қилинади -
56. Яна улар Биз ризқ қилиб берган нарсалардан ўзлари билмайдиган нарсалар (яъни, жоҳилликлари, билимсизликлари сабабли худо деб ўйлаган бутлари) учун насиба ҳам ажратурлар. (Эй мушриклар), Оллоҳ Номига қасамки, албатта, сизлар Ўзларингиз тўқиб-бичиб олган (бут)ларингиз тўғрисида (Қиёмат Кунида) масъул бўлурсизлар.
Мушрикларнинг ўзларича тўқиб олган бундай қабиҳ кирдикорлари ҳақида Анъом сурасининг 136-оятида ҳам хабар берилган: “(Мушриклар) Оллоҳ учун Унинг Ўзи яратган экин ва чорвалардан бир улуш ажратиб, ўзларича: «Бу Оллоҳ учун, бу (қолгани) эса шерикларимиз - бутларимиз учун», дедилар. Энди бутлари учун бўлган улуш Оллоҳ (улу-шига) қўшилмайди. Оллоҳ учун бўлган улуш эса бутларига қўшилаверади. Нақадар ёмон ҳукм чиқарадилар-а!”. (Анъом сураси, 136-оят).
Ояти карима Ҳақ Йўлга юрмаган, Оллоҳтаолога ширк келтирган кимсаларнинг нақадар жаҳолатга муккадан кетган ақлсиз кимсалар эканини фош қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва бошқа муфассир уламолар ушбу ояти карима тафсирида айтадилар: “Мушриклар экин-тикинлардан олган ҳосилларидан ва чорва ҳайвонларидан бир бўлагини Оллоҳ учун, деб яна бир бўлагини ўзлари сиғинадиган бутлари учун деб ажратиб қўяр эдилар. Сўнгра Оллоҳ учун деган молларини меҳмон кутишга ва мискин-бечораларга сарфлашар, бутлари учун ажратиб кўйган молларини эса ўша бутларига ва бутхона хизматкорларига қурбонлик қилишар эди. Агар Оллоҳ таоло учун ажратиб қўйган нарсалари бутлари учун ажратган молларига қўшилиб кетса, “Оллоҳ бунга муҳтож эмас”, деб шу ҳолича қолдирар эдилар-у, аммо агар бутлари учун ажратган молларидан озгинаси Оллоҳга атаб қўйган нарсаларига қўшилиб қоладиган бўлса, дарҳол у нарсани бутларнинг насибасига қўшиб қўйишар ва “Бутларимиз қурбонликка муҳтож”, дер эдилар. Шунингдек, улар Оллоҳ учун ажратиб қўйган молларидан бирон нарса йўқолиб қолса ёки ҳалок бўлса парво ҳам қилмас эдилар, аммо бутларига атаб қўйган нарсаларидан бирон нарса камайиб қолса ёки ҳалок бўлса, дарров Оллоҳ учун ажратган нарсаларидан олиб унинг ўрнини тўлдириб қўяр эдилар”.
Ҳақ таоло мушрикларнинг бирон ақли хуши жойида бўлган одам қилмайдиган бундай йўриқлари - барча нарсага Қодир бўлган Танҳо Яратгувчига ҳеч нарса қила олмайдиган жонсиз бутларни шерик деб эътиқод қилишлари, ҳатто Холиқдан махлуқни афзал билишлари ҳақида хабар берар экан, “(Мушриклар) нақадар ёмон ҳукм чиқарадилар-а!”, деб ширк инсонларни ақлсиз махлуқларга айлантириб қўйиши ҳақида огоҳлантиради.
Ояти каримани диққат билан ўқиб англаган инсон Ёлғиз Оллоҳ таолога иймон келтириб, Унга бирон нарсани ширк келтирмайдиган мўминларга ато этилган Иймон неъмати нақадар тансиқ, нақадар бебаҳо неъмат эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилади ва уни мушриклардан қилиб қўймагани учун, ўзлари ясаб олган тош, ёғоч ва яна алланарсалардан иборат бутларга термулиб, улардан паноҳ ва нажот кутадиган ақлсиз махлуқлардан қилиб кўймагани учун Яратганга қайта-қайта шукроналар айтади.
57. Улар: («Фаришталар Оллоҳнинг қизлари», дейишиб), у «қизлар»ни Оллоҳники қилишиб, - У Зот (бу бўҳтондан) Покдир - ўзларининг кўнгиллари тусаган нарсани (яъни, ўғилларни) эса ўзлариники (қилиб олишди).
Муфассирлар ушбу оят арабларнинг Хузоъа ва Кинона қабилалари ҳақида нозил бўлганини айтадилар.
У икки қабиладаги мушрик кимсалар: “Фаришталар Оллоҳнинг қизлари”, дейишар эди. Фаришталар ҳам худди аёллар каби инсонлар кўзидан панада бўлганлари учун мушриклар ўзларича уларни қизлар деб ҳукм чиқаришиб, кейин ўша “қизлар”ни Оллоҳники дейишларига сабаб, улар ўзлари қиз фарзандли бўлишни ёмон кўришларидан эди. (Бу ҳақда қуйидаги оятларда сўз боради). Шунинг учун улар гўё қизлар Оллоҳ таолоники-ю ўғил болалар ўзлариники эканини айтиб, жаҳолатни қарангки, ўзлари мана шу сафсаталарига ишонар ҳам эдилар. Албатта, Танҳо ва тенги йўқ Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло мушрик кимсаларнинг бундай туҳматларидан - фарзанд тутиш айбидан Покдир. Бу ҳақда бошқа сураларда ҳам такрор-такрор айтилган: “Энди (эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка кофирларидан) сўрангчи, қизлар (яъни, уларнинг гумонича, фаришталар Оллоҳнинг қизлари эмиш) Парвардигорингизники-ю, ўғиллар уларникимикан?! Ёки Биз фаришталарни улар гувоҳ бўлган ҳолларида қиз қилиб яратдикмикан?! Огоҳ бўлингизким, улар ёлғончиликлари туфайли «Оллоҳнинг боласи (яъни, қизлари) бор», дерлар. Улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар. (Оллоҳ) ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?! (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?! Ахир эс-ҳушингизни йиғмайсизларми?! Ёки сизлар учун (Оллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?! Бас, агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтиринглар-чи?!”. (Вас-саффот сураси, 149-157-оятлар).
“Улар (мушриклар Оллоҳ) учун Ўз бандаларидан (айримларини яъни, фаришталарни) жузъ - бўлак қилдилар! (Оллоҳнинг бандалари бўлган фаришталарни «У Зотнинг қизлари яъни, Унинг бир жузъи», дедилар. Чунки фарзанд отанинг жузъидир). Дарҳақиқат, инсон очиқ-ойдин кўрнамак-ношукурдир! Балки (Оллоҳ) Ўзи яратадиган нарсалардан қизларни олиб қолиб, сизларга ўғилларни танлаб бергандир?! Қачон уларнинг биронтасига, ўзи Раҳмон учун мисол қилган нарса (яъни, қиз кўргани) ҳақида хушхабар берилса, ғазабга тўлган ҳолда юзи қорайиб кетар. «Ҳали зеб-зийнат ичида ўстириладиган, (ҳеч қандай) жанжал-мунозарада (ўз мақсадини) очиқ-равшан баён қилиб бера олмайдиган (ожиз нотавон қиз болами)?!» (Ҳолбуки,) ўзлари Раҳ-моннинг бандалари бўлмиш фаришталарни «Қизлар» дедилар! Ё улар (Оллоҳ фаришталарни) яратишига гувоҳ бўлганмидилар?! Уларнинг бу «гувоҳ»ликлари, албатта (номаи аъмолларига) ёзилур ва улар (Қиёмат Кунида) сўроққа тутилурлар!”. (Зухруф сураси, 15-19-оятлар).
“(Эй мушриклар), балки қизлар У Зотники-ю, ўғиллар сизларникидир?!”. (Ват-тур сураси, 39-оят).
Яъни, сизлар «Фаришталар Оллоҳнинг қизлари», деб даъво қиласизлар. Қай бир ҳужжат билан бундай демоқдасизлар?! Сизлар «доно»ликларингиздан ўзларингиз ёмон кўрадиган ва орланадиган қизларни Оллоҳники деб, ўғил болаларни ўзларингизники қилиб олмоқчимисизлар?! Агар шу «доно»ликларингиз бўлса, сизларнинг Қуръонни ҳам, Пайғамбарни ҳам, ўлгандан кейин қайта тирилишни ҳам инкор қилишларингиз ҳеч тонг эмасдир!
58-59. Қачон уларнинг биронтасига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг) “ёмон”лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) ҳукм чиқарурлар.
Ушбу оятларда жоҳилият замонидаги араблар мубтало бўлган ширк қабоҳатидан бир мисол келтирилади. Араблар ўзларининг буюк аждодлари Исмоил алайҳис-салом қолдирган Ҳақ Диндан юз ўгириб, Танҳо Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига бутларга-шайтонларга сиғина бошлаганларидан кейин шайтонлар уларни ҳалок қилиш ва динларини чалкаштириб бузиб юбориш учун уларга энг ёмон-хунук ишларни ҳам чиройли кўрсатиб қўйди. ҳатто ўзларининг фарзандларини ўлдириш ҳам уларга чиройли амал, ибодат бўлиб кўрина бошлади. Айримлари болаларининг саноғи маълум чегарага етгач, улардан бирини бутларига қурбонлик қилиб сўядиган бўлдилар, бошқалари болаларини боқа олмасликдан қўрқиб ўлдира бошладилар, яна бошқалари қиз фарзанд кўришдан ор қилиб қизларини тириклай гўрга кўмдилар! Ширкнинг бундай мудҳиш касофатлари ҳақида бошқа оятларда ҳам хабарлар келди: “(Эй инсонлар), болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирмангизлар - уларга ҳам, сизларга ҳам Биз Ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз катта хатодир”. (Ал-Исро, 31-оят).
Ислом Дини келишидан илгари арабларда ваҳший бир одат бор эди, улар қиз фарзанд кўришни ўзлари учун ор деб билишар ва кўплари қизларини тириклай ерга кўмиб юборар эдилар. Бунга сабаб, динсиз, иймонсиз кимсаларнинг жаҳолат ва кибр-ҳаволари бўлиб, айрим тарихчи уламолар бу разолатни бир воқеага боғлайдилар: узоқ ўтмишда бутун араб жазираси Нўъмон исмли подшоҳ қўл остида бўлиб, барча қавм-қабилалар унга бож тўлар эканлар. Бир йили қабилалардан бири зиммаларидаги солиқни тўлашдан бош тортишганида, подшоҳ аскарлари бостириб келишиб, у қабиланинг ҳамма хотин-халаж, ўғил-қизларини асир қилиб олиб кетишган ва уларни ўз қабилаларига қайтариш учун бож тўланишини шарт қилишган экан. Бу талаб бажарилгунча орадан ўтган фурсат ичида қабила бошлиғининг асира қизи билан подшоҳнинг ўғли бир-бирларига кўнгил қўйиб қолишади ва қиз бошқалар сафида ўз юртига қайтиб кетишдан бош тортади. Ҳеч қандай дўқ-пўписа ва ялиниб-ёлворишлар кор қилмагач, қизнинг отаси - қабила бошлиғи, душманига кўнгил қўйиб, ўзини шарманда қилган қизидан ниҳоят даражада ғазабланиб, бундан кейин қиз кўрса, албатта тириклай Ерга кўмишга қасам ичади. Шундай қилиб, бу қабиҳ одат авлоддан-авлодга ўтиб, тарқаб келаверади ва қачонки Ислом Дини келгач, Қуръон бу ярамас одатни ман этади.
“Маолимут-танзил” тафсирида ривоят қилинишича, арабларнинг Музор, Хузоъа ва Тамим қабилалари қиз фарзанд кўрсалар, айримлари: “Бу шумқадам бизга фақирлик келтиради сўнг бошқа болаларимизни ҳам боқа олмай қоламиз”, дейишиб, айримлари эса, “унга зоти паст кимсалар харидор бўлиб бизнинг шаънимизни ерга урадилар”, дейишиб ўз қизларини тириклайин кўмиб юбораверишар эди. Улардан бирон кимса қиз кўрса-ю, уни тирик қолдирмоқчи бўлса, у қизни дағал жун матоларга ўраб-чирмаб, мутлақо оталик меҳрини кўргазмасдан ўстирар ва чўл-сахроларда туя, қўй боқтирар эди. Агар у қизини ўлдириб юборишни хоҳласа, у қиз олти-етти ёшга чиққунича ташлаб қўяр, сўнгра онасига: “Қизингни ясантиргин, мен уни қариндошларига кўрсатиб келаман”, дер ва ўзи сахрода кавлаб қўйган чоҳ олдига олиб кетар, етиб боришгач эса, “Қудуққа қарагинчи, суви бормикан?” деб, қизи қудуққа энгашган вақти-да унинг ортидан итариб чуқурга тушуриб юборар ва устидан тупроқ тортиб ер билан текис қилиб қўйиб қайтиб кетаверар эди. Оллоҳ таолонинг: “Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарса-нинг (яъни, қиз кўришнинг) “ёмюн”лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) ҳукм чиқарурлар”, деган Сўзи ана ўшалар ҳақидадир. (“Тафсири Бағавий”).
Сўнгра, айтиб ўтилганидек, Дини Ислом келиб бундай мудҳиш одатларга бутунлай чек қўйди ва қиз бола ота-она учун Оллоҳ таолонинг Раҳматига эриштиргувчи бир неъмат деб ҳукм қилди:
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қиз фарзанд кўрса-ю, унга чиройли таълим-тарбия берса ва Оллоҳтаоло унга ато этган неъматларни қизидан аямасдан ўстирса, ўша қизи унинг учун дўзаҳцан тўсиқ ёки парда бўлур”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Куртубий”дан).
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: “Менинг олдимга бир мискина аёл қўлида икки қизчасини кўтариб кириб келди. Мен унга уч дона хурмо берган эдим, у қизларига биттадан хурмо бериб, учинчи хурмони ўзи емоқчи бўлиб энди оғзига солганида ҳалиги қизчалар ундан яна овқат сўрашди. Шунда аёл оғзидаги хурмони олдида, иккига бўлиб уни ҳам қизларига берди. Мен унинг бу ишидан ҳайратда қолдим ва кейин у ҳақда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган эдим, у зот: “Албатта Оллоҳ азза ва жалла у аёл учун бу иши сабабли жаннатни вожиб қилди”, ёки “уни дўзахдан озод қилди”, дедилар. (Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким икки қизни то улар балоғатга етгунларича боқиб тарбияласа, Қиёмат Кунида мен билан мана бундай бирга бўлади, дедилар ва икки панжаларини жуфтлаштириб кўрсатдилар. (Муслим ривояти).
“Танвирул-азҳон” тафсирида Ибн Асокирдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Дастлаб қиз фарзанд кўриши аёлнинг барокатли эканлигидандар”, деб марҳамат қилдилар.
60. Охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг мисоли жуда ёмондир. Оллоҳнинг мисоли - сифатлари эса, тенгсиз юксакдир. У Кудрат ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.
Яъни, Охират борлигига ишонмайдиган, Қиёмат Кунини ва ундаги ҳисоб-китобни, жаннат, дўзах борлигини инкор қиладиган кимсаларнинг турган-битгани ёмонликлардан иборатдир. Улар қабоҳат мисолидирлар. Яъни, уларнинг “Оллоҳнинг балоси бор”, деб У Зотга туҳмат қилишлари, “қизлар Оллоҳники, ўғиллар бизники”, деб юзсизлик қилишлари, уйларидаги ит-мушук каби ҳайвонларни ҳам боқиб бирга яшаганлари ҳолда ўз пушти камарларидан бўлган қизларидан номус қилиб, “ризқимга шерик бўлади, топганимни еб қўяди”, деб тириклайин ерга кўмиб юборишлари... бундан ортиқ қабоҳат бўлиши мумкинми?!
“Оллоҳнинг мисоли - сифатлари эса, тенгсиз юксакдир”.
У Танҳодир - оталик, болалик, умуман шериклик айбидан Поқцир, У ҳеч ким ва ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган Беҳожат Зотдир, У мислсиз Фазлу Карам Соҳибидир,
“У Қудрат ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир”. Яъни, ҳеч ким Уни енга олмас, Унинг қилган ҳар бир Ҳукми Ҳикматдир. Унинг юксак Сифатлари ҳам худди Улуғ Зоти каби ўхшаши йўқ бенуқсон ва етукдир.
61. Агар Оллоҳ одамларни (улар қилган ҳар қандай) зулм-зўравонликлари сабабли ушлаганида (азоблаганида), Ер юзида бирон ўрмалаган жониворни тирик қолдирмаган бўлур эди. Лекин У Зот уларни маълум бир муддатгача қўйиб қўяр. Бас, қачон ажаллари етиб келганида эса, уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, илгари ҳам қила олмайдилар.
Ушбу ояти карима юқоридаги оятларда зикр қилинган мушрик-кофир кимсаларнинг мудҳиш кирдикорлари ва куфр сўзларидан хабардор бўлган киши кўнглида табиий равишда пайдо бўладиган: “Нега Оллоҳтаоло ундай жиноятчиларни дарҳол қириб, ҳалок қилиб юбормас экан-а?” деган саволга Ҳақ таоло томонидан берилган жавобдир. Шунингдек, ояти карима Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг бениҳоя сабрли ва беқиёс Ҳалим Зот эканлигига ҳам равшан далилдир. Чунки оят мазмунидан англашилишича, Қодир Оллоҳ агар золим кимсаларнинг иймонсизлик билан қилган зулмларига сабр-тоқат қилмасдан ғазабига оладиган бўлса, улар содир этган мудҳиш жиноятларга ҳалимлик қилмасдан Ўз азобини юборадиган бўлса, у ҳолда золимларнинг касофатидан нафақат уларнинг ўзлари, балки Ердаги тирик жонзотнинг ҳаммаси қирилиб кетган бўлар эди. То Қиёмат дунёга келадиган барча инсонларга ибрат бўлсин учун тарихда бўндай воқеа бир марта содир бўлди ҳам!
Қатода айтади: “Оллоҳ таоло Нуҳ замонида шундай қилди - золим кимсаларнинг касофатидан Нуҳ алайҳис-саломнинг кемасидаги кишилардан бошқа, Ердаги барча жонзотни ҳалок қилиб юборди”.
Байҳақий ривоят қилишича, Абу Ҳурайра розияллоху анҳу бир кишининг: “Золим кимса фақатўзигагина зиён қилади”, деяётганини эшитиб: “Йўқ, Оллоҳга қасамки, золимнинг зулми касофатидан ҳатто уясига яшириниб олган қушлар ҳам ҳалок бўладилар”, деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса: “Яқинки, ўз инларидаги ҳашоратлар ҳам Одам боласи қилган гуноҳ сабабли ҳалок бўладилар”, деди ва ушбу ояти каримани ўқиди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Демак, золимларнинг зулми сабабли ўша қавмдаги яхши инсонлар ҳам ҳалок бўлиб кетишлари мумкин экан. Бу ҳақда “Саҳиҳи Муслим”да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шарифда хабар берилади: Ибн Умар айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қачон Оллоҳ таоло бир қавмга азоб юборишни ирода қилса, у азоб ўша қавмдаги яхши-ю ёмон барча одамларга етади, сўнгра Қиёмат Кунида улар ниятларига қараб (золимлар дўзах аҳли сафида, мўминлар аҳли жаннат қаторида) тириладилар”, деяётганларини эшитганман”. (“Тафсири Куртубий”дан).
“Бас, қачон ажаллари етиб келганида эса, уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, илгари ҳам қила олмайдилар”.
Ушбу жумла тафсирида Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Оллоҳ таоло бирон нарсани ажал муддати етиб келганида ортга сурмайди. Умрнинг зиёда бўлиши эса, Оллоҳ бандага ато этган солиҳ зурриётлари билан бўлади. Улар оталари ортидан унинг ҳаққига дуолар қиладилар, бас, ана ўша дуолари унга қабрида етиб туради. Мана шу умрнинг зиёда бўлишидир”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
62. (Мушриклар) ёмон кўрадиган нарсаларни (яъни, қиз болаларни) Оллоҳники дейишади ва тиллари улар учун чиройли мукофот -
жаннат бўлиши ҳақида ёлғон сўзларни сўзлайди. Шак-шубҳа йўқки, улар дўзах эгаларидир ва албатта улар (дўзахга ташланишда) биринчидирлар.
Ушбу ояти карима 57-оятнинг такрори ва таъкидидир. Ҳақ таоло яна бир бор мушрик-кофир кимсаларнинг жаҳолати хусусида сўз очиб, улар ҳамма вақт ўзлари ёмон кўрадиган нарсаларни Оллоҳники деб, жумладан, ёмон кўрганлари учун ўз қизларини ҳам Оллоҳники дейишиб, ўғил болаларини ўзлариники қилиб олганлари ҳолда, агар қурбонлик қиладиган бўлсалар ҳам, молларининг айб-нуқсони борларини “бу Оллоҳ учун”, дейишиб яхши, бенуқсонларини бутларига атаб қурбонлик қилганлари ҳолда яна ҳеч уялмай-нетмай ёлғон тўқиб: “ Агар Қиёмат борлиги рост бўлса, Оллоҳ ҳузуридаги жаннат ҳам бизники бўлиши аниқ”, деб юзсиз-лик қилишлари ҳақида хабар беради ва иш тамоман аксинча эканлигини - бундай кофир кимсаларнинг жойлари албатта дўзах бўлишини ва шак-шубҳасиз, улар дўзахга тушадиганларининг энг аввалгилари бўлишларини айтади. Шундай дўзахилардан бири ҳақида бошқа бир ояти каримада ҳам хабар берилган: “Қасамки, агар унга бирон бало-кулфат етганидан сўнг Биз унга Ўз томонимиздан бўлган бирон марҳаматни тотдирсак, албатта у: «Бу ёлғиз ўзимнинг (донолигим ва саъй-ҳаракатим билан бўлди). Мен (Қиёмат) Соати қойим бўлишига ишонмайман. Қасамки, агар (мабодо Қиёмат қойим бўлиб), мен Парвардигоримга қайтарилсам, ҳеч шак-шубҳасиз, Унинг даргоҳида ҳам мен учун гўзал (оқибат - жаннат) бўлур», дер. Бас, (ана ўша ўзлари иймон келтирмаган ва яхши амал қилмаган ҳолларида жаннатдан хомтамаъ бўлиб юрган кимсалар билсинларки), албатта Биз кофир бўлган кимсаларга ўзлари қилган амалларининг хабарини берурмиз ва албатта уларга қаттиқ азобдан тотдирурмиз”. (Фуссилат сураси, 50-оят).
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида ушбу оят тафсирида айтилади: “Мушрик араблардан айримлари қайта тирилиш ҳақлигини иқрор қилар эдилар. Шунингучун улар маййитни дафн қилганларидан кейин қабри ёнига бир эгарлоғлиқ туяни боғлаб кўйишар ва у туя то ўлгунича ўша жойда турар эди. Улар: “Мана шу маййит қайта тирилганида, туяси ҳам тирилади ва у пиёда қолмай туясига миниб олади”, дейишар эди”.
Азиз ўқувчи, Сиз бу ривоятни эртак дейишга шошилманг. Агар шундай хаёлга борсангиз, у ҳолда мана шу замондаги айрим мушрик жамоаларнинг қилаётган ишларига бир назар солинг. Улар ўликларининг ёнига “Агар тирилса, бизга қўнғироқ қилар”, деб алоқа воситаларини жойлаб кўмишяпти! Демак, ҳамма замонларда ҳам Ҳақ Диндан бенасиб бўлган кимсалар ўзларининг онгсиз ҳайвонлардан ҳам ақлсизроқ эканликларини намойиш қилаверадилар.
Ояти каримада Ҳақ таоло мушрикларнинг ёлғон сўзлашларини қоралар экан, бу билан мўминлар ҳеч қачон ёлғон сўзламасликлари лозимли-гини уқтиради. Шунинг учун ҳам Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам мўминлар орасида ҳам бахиллик, кўрқоқлик каби иллатларга мубтало бўлган айрим кимсалар бўлиши мумкинлигини айтиб, аммо мўмин ҳеч қачон ёлғончи бўлмаслигини таъкидлайдилар ва “Ёлғончи менинг умматим эмас”, деб қатъий огоҳлантирадилар. Зотан, Шариати Исломийяда ёлғончи берган гувоҳлик рад этилади. Демак, мўмин ҳатто ҳазиллашиб ҳам ёлғон сўзламасликка ўрганиши керак.
Ҳикоя қилинишича, қозил-қузот Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ халифа Ҳорун ар-Рашиднинг қариндошларидан бири берган гувоҳликни рад этганида, у халифага шикоят қилди. Халифа Ҳорун: “Нега сен унинг гувохлигини қабул қилмадинг?” деб сўраганида, Абу Юсуф: “Мен бир куни Сизнинг ҳузурингизда унинг: “Мен Сизнинг қулингизман”, деганини эшитдим. Агар унинг бу сўзи рост бўлса, у ҳолда Шариатимизда қулнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Аммо агар у: “қулингман”, деб ёлғон айтган бўлса, у ҳолда ёлғончи бўлгани учун унинг гувоҳлиги ўтмайди”, деб жавоб қилди.
63. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат, Биз Сиздан аввалги умматларга ҳам элчилар юборганимизда, шайтон уларга ўзларининг (қабиҳ) амалларини чиройли қилиб кўрсатган эди. Чунки у бугун (бу дунёда) уларнинг «дўсти»дир. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир.
Яъни, ўша илгари ўтган умматларга Оллоҳ таоло юборган элчилар келганидан кейин ҳам улар куфру исёнларидан тавба қилмадилар. Ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларнинг сўзларидан таъсирланмасдан, улар чақирган Тўғри Йўлга юрмасдан, аксинча у элчиларни ёлғончи қилишгач, Ҳақ таоло уларни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун бошларига бало юборди, лекин улар бу огоҳлантиришдан кейин ҳам ўзларига келмадилар - динсизликларидан қайтмадилар. Уларнинг қалблари на элчи-пайғамбарлар етказган Илоҳий Ваҳийдан ва на бошларига келган бало-қазолардан таъсирланди. Чунки у қалблар тошдек қотиб қолган эди, улар ҳеч нарсадан ибрат олмайдиган шайтон қавмига айланиб қолган эдилар, “шайтон (эса) уларга ўзлари қилиб юрган ишларини чиройли кўрсатиб қўйган эди”. Инсон шайтон васвасасига учганининг, шайтонга қўл берганининг бир белгиси, унга ўзи қилган ҳар қандай иш чиройли кўринаверади, ўзини хато-камчиликлардан холий ҳисоблай бошлайди, айбини тан олмайди, демак, уни ҳеч қандай сўз ё бошқа восита билан огоҳлантириб - ўзига келтириб бўлмайди, у ўнгланмайди, тавба қилмайди.
Мазкур умматлар ҳам эслатма олмадилар, тавба-тазарруъ қилмадилар.
Ушбу ояти карима Макка мушрикларининг Ҳақ Динни қабул қилмаётганларидан бениҳоя озурдадил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Оллоҳ таоло томонидан берилган Илоҳий тасаллийдир.
64. Албатта, Биз Сизга иймон келтирадиган қавм учун Ҳидоят ва Раҳмат бўлган бу Китобни - Куръонни Сиз уларга ихтилоф этаётган нарсаларини баён қилиб беришингиз учун нозил қилдик.
Дарҳақиқат, Каломуллоҳ бўлмиш Қуръони Азимда инсонлар талашиб-тортишадиган ҳар қандай ихтилофли масъалаларнинг энг тўғри ечими мавжуддир ва Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам мўминларга Ҳидоят ва Раҳмат бўлган мана шу Азиз Китоб билан улар ихтилоф қиладиган барча масъалаларнинг жавобини аниқ баён қилиб бердилар ва то Қиёмат қойим бўлгунича мўминлар фақат ушбу Улуғ Китоб кўрсатмаларига чин иймон ва ихлос билан амал қилганларидагина нажот топиб, энг бахтли уммат бўлишларини уқтириб ўтдилар.
Алий ибн Абу Толиб розияллоху анхудан ривоят қилинди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳали албатта, фитна (яъни, одамлар Тўғри Йўлдан озиб, турли шайтоний йўлларга алданишлари) бўлиши аниқ”, деганларини эшитиб: “Ундан халос бўлиш йўли борми?” деб сўраган эдим, айтдилар: “Оллоҳнинг Китоби (яъни, нажот Оллоҳнинг Китоби бўлмиш Қуръонни ўрганиб амал қилишдадир). Чунки сизлардан илгари ўтганларнинг хабари ҳам, сизлардан кейин келадиганларнинг хабари ҳам, сизларнинг ўртангизда чиқадиган нарсанинг (яъни, ҳар қандай ихтилофли масъалаларнинг бирдан-бир тўғри жавоби - ҳукми ҳам фақат ўша Китобдадир. У Китоб ҳазил эмас, фаслдир, (яъни, ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажратиб бергувчидир).
Уламолар қайта-қайта ўқиб ҳам унга ҳеч тўймайдилар. У Оллоҳнинг узилмас арқонидир, ҳикматли Эслатмадир, Тўғри Йўлдир. Ким Қуръон билан (ўша Китобга асосланиб) сўзласа, тўғри сўзлар, ким у билан ҳукм қилса, адолат қилар, ким унга амал қилса, ажр олар, ким одамларни ўша Китобга чақирса, албатта Тўғри Йўлга ҳидоят топар”. (Термизий ва Дорамийлар ривоят қилганлар. “Танвирул-азҳон” тафсиридан).
65. Оллоҳ осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, унинг ёрдамида ўлик Ерни тирилтирди. Албатта, бу ишда (ваъз насиҳатни) эшитадиган қавм учун оят-ибрат бордир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло томонидан эслатилган бениҳоя ибратли ва тез-тез такрорланиб, Яратганнинг чексиз Қудратини очиқ-ошкор намойиш қилиб турадиган бу ҳодиса ҳақида бошқа бир ояти каримада янада батафсилроқ айтилган: “Албатта осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб юрган кемаларнинг (сузиб юришида) ва Оллоҳ осмондан туширган - сўнг у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бор жонзотни (Ер юзига) тарқатиб-ёйиб юборган “сув”, деган неъматда ва шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда - (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир”. (Бақара сураси, 164-оят). Ушбу улуғ оят ўз ўрнида ала қадри ҳол тафсир қилиб ўтилди.
66. Дарвоқе, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам ибрат бордир: Биз сизларни уларнинг қоринларидаги нарса - ахлат ва қоннинг ўртасидан (чиққан, аммо на ахлат таъми ва на қон ранги аралашмаган) тоза, ичувчилар учун ўтимли сут билан суғорурмиз.
Яъни, эй инсонлар, Оллоҳ таолонинг бандаларига бениҳоя Меҳрибон Танҳо Холиқ эканини ва Илоҳий Қудратини очиқ-ойдин кўрсатиб турадиган ибратли ҳодисалардан яна бири - У Зот сизларни туя, мол, қўй ва эчки каби чорва ҳайвонларининг қоринларидан, у жойда тўпланиб ҳазм бўлаётган емиш ва ундан ҳосил бўлган қоннинг ўртасидан чиқадиган, аммо ўзи оппоқ, топ-тоза, заррача қон ранги ва ахлат хиди аралашмаган, ичадиган киши учун ўта ўтимли бўлган сут деган неъмат билан сероб қилиб қўйганидир.
Дарҳақиқат, инсонлар учун ҳам ўта ёқимли ва тўйимли таом, ҳам ташналикни қондирадиган жуда мулойим ичимлик бўлган сут деган неъматнинг қандай қилиб чорва ҳайвонлари елинида ҳосил бўлиб қолишини ибрат назари билан кузатган киши Яратган Эгамизнинг Қудратига тасаннолар айтиши аниқдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ҳайвон еган ем ва ўт-ўлан унинг қорнига жойлашиб, майдаланиб ҳазм бўлар экан, учта бир-бирига тамоман зид бўлган ва ўрталарини ўта нозик парда билан ажратиб қўйилган моддага айланиб, юқорида қон, ўртада сут, пастда эса ахлат ҳосил бўлади. Шундан кейин жигар Оллоҳ таоло белгилаб қўйган аниқ ўлчов билан қонни томирларга, сутни елинга тақсимлаб беради ва қоринда фақат ахлат қолиб, кейин ташқарига чиқиб кетади”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Албатта, ҳар бир ақлли инсон - агар у чиндан ҳам ақлли инсон бўлса
- ушбу жараён ҳақида тафаккур қилар экан, дарҳол ўта нозик ва мураккаб бўлган бу тақсимот ҳеч қачон ўз-ўзидан рўй бермаслиги ёки ақлсиз жониворнинг ўзи қорнига тушган ўт-ўланни турли моддаларга айлантириб, сўнгра бундай ҳикмат билан тақсимлаши асло мумкин эмаслигини англайди ва бу Ёлғиз Яратганнинг Қўлидан келадиган иш эканига иймон келтириб, бу неъматлар Эгаси бўлмиш Ҳақ таолога тасбеҳ ва ҳамд айтади.
Ояти каримада Жаноби Ҳақ сут, уни ичадиган катта-ю кичик барча кишилар учун томоқдан жуда силлиқ ўтадиган - ўтимли ичимлик эканини таъкидлади ва бу айни ҳақиқатдир. Айтишларича, инсон томоғидан ўтадиган ҳар қандай таом ва ичимликдан тиқилиб қолиши мумкин, фақат сутгина ҳеч кимнинг томоғида тиқилиб қолмас экан. Бу ҳеч исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. Дунёга келганига саноқли соатлар бўлган ҳар бир чақалоқнинг ҳали бирон нарса ўтмаган томоғидан фақат сут
- она сути ҳеч тиқилмасдан ўтиши ҳақида фикр қилган ҳар бир сут эмган банда бу сўзнинг ҳақлигини тан олади.
Сут бандаларга ато этилган энг улуғ неъматлардан эканлиги Ҳадиси шарифда ҳам эслатилади:
Абу Довуд, Термизий, Насоий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга сут келтирилган эди, ичдилар ва: “Қачон сизлардан бировингиз бирон таом еса: “Оллоҳим, Ўзинг ушбу таомни биз учун муборак-баракотли қилгин ва бизни бундан ҳам яхшироғи билан таомлантиргин”, десин. Аммо қачон бировингизга сут бериладиган бўлса, уни ичганидан сўнг: “Оллоҳим, Ўзинг ушбуни биз учун муборак қилгин ва бизга ундан яна зиёда қилгин”, деб дуо қилсин. Зотан, сутдан бошқа бирон нарса ҳам таомни, ҳам ичимликни ўрнини боса олмайди”, деб марҳамат қилдилар”.
Уламолар айтадилар: “Қандай ҳам ундоқ бўлмасин. Ахир сут инсон баданига кирадиган энг биринчи озуқаку. Чақалоқнинг танаси у туғилганидан бошлаб ойлар давомида фақат она сути билан униб-ўсадику. Шунингдек, сут инсон баданидаги ҳар бир аъзо учун керакли бўлган мутлақо зиёнсиз таомдир. Оллоҳ таоло сутни Жаброил алайҳис-салом учун ушбу умматнинг Тўғри Йўлда барқарор бўладиган энг яхши уммат эканлигига бир аломат қилиб қўйди: Саҳиҳ ҳадисда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жаброил менинг олдимга бир идишда шароб ва яна бир идишда сут олиб келган эди, мен сутни танладим. Шунда Жаброил менга: “Фитратни - Ҳақ Йўлни танладингиз. Агар шаробни танлаганингизда умматингиз “(илгари ўтган умматлар каби) Тўғри Йўлдан озган бўлар эдилар”, деди”.
Қолаверса, юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек, сутни зиёда қилишини сўраб Оллоҳ таолога дуо қилиш У Зотдан тўкин-сочинлик ва хайр-барака сўраш демакдир. Демак, сут тўласича муборак бир неъматдир”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
67. Сизлар хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилгувчи (ароқни) ҳам, гўзал - ҳалол ризқни ҳам олурсизлар. Албатта, бунда ҳам ақл юритадиган қавм учун оят-ибрат бордир.
Яъни, эй инсонлар, сизлар учун чорва ҳайвонлари ичидан, қон ва ахлат ўртасидан чиққан тоза сутда қандай ибрат бўлса, ақлли кишилар учун хурмо ва узум меваларидан айримларингиз қон ва бавл каби ҳаром бўлган маст қилувчи ичкиликларни, айримларингиз эса, айни ўша мевалардан бамисоли тоза сут каби ҳалол ризқ бўлган шарбат, сирка, мураббога ўхшаган неъматларни олишингизда ҳам худди шундай ибрат бордир. Демак, ҳар бир ақлли инсон сут, хурмо, узум ва бошқа анвойи неъматларни кўриб, уларни яратган Оллоҳ таолонинг тенгсиз Қудратига тасаннолар айтиши ва Ёлғиз ўша Зотгина ибодат қилинишга ҳақли бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигига иймон келтириши керак.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло илк бор маст қилувчи ичимлик ҳақида сўзлаб, у бандалар учун ҳалол бўлган ризқнинг акси эканига ишора қилди. Шунинг учун ҳам ушбу оят нозил бўлганида Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳ таоло ароқни ҳаром қилишни бошлади”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Маълумки Дини Ислом келган даврда ичкилик ичиш, қимор ўйнаш каби иллатлар жамиятнинг ҳаётига сингиб кетган оддий ишлар эди. Шунинг учун Қуръон буларни дафъатан ҳаром қилмади - зотан, бундай иллатларни фақат юқорининг буйруғи билан йўқотиш имконсиздир - балки аввало бу ишлардан келадиган фойда-зарарларни кўрсатиш ва одамларнинг буларга бўлган муносабатларини тубдан ўзгартириш йўлини тутди. Яъни, бу ҳаром нарсаларни мусулмонларнинг қўлларидан тортиб олишдан илгари кўнгилларидан тортиб олди. Шу боисдан кейинроқ келган:
“Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз! Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Оллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!” деган оят нозил бўлиши билан мусулмонлар бу иллатлардан бирйўла қутулдилар.
Муфассир уламоларнинг айтишларича, Қуръони Каримда ароқ ҳақида тўрт оят нозил қилинган бўлиб, улардан биринчиси ушбу ояти каримадир. Иккинчиси, Бақара сурасининг 219-ояти, учинчиси, Нисо сурасидаги 43-оят, тўртинчиси, Моида сурасидаги 90-91-оятлардир. Алҳамдулиллоҳ, мазкур оятларни ўз ўрнида алоқадриҳол тафсир қилиб ўтдик.
68-69. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингиз асаларига ваҳий - амр қилди: «Тоғлардан, дарахтлардан ва (одамлар) қурадиган инлардан ўзинг учун уялар қилиб олгин. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг (сен учун) осон-қулай қилиб қўйган йўллардан юргин!» Унинг қорнидан алвон рангли ичимлик-асал чиқур. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта бу ишда (яъни, шу митти жониворнинг ҳам одамлар учун хизматкор қилиб қўйилишида) тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир.
Юқоридаги оятларда Қодир Оллоҳнинг Ёлғиз Раззоқи олам эканига далолат қиладиган икки ибратли ҳодиса - чорва ҳайвонларидан, уларнинг ичидаги ахлат ва қон каби нопок нарсаларнинг ўртасидан бандалар учун ҳалол-пок ризқ бўлмиш оппоқ сут чиқариб берилиши, шунингдек, хурмо ва узум каби инсонлар учун ҳам озуқа, ҳам дармондори бўлган, Яратган Эгамиз бандаларимга ҳалол ризқ бўлсин деб яратган меваларни мўминлар ҳалол-пок ҳолида истеъмол қилиб Оллоҳ таолога шукроналар айтсалар, фосиқ - динсиз кимсалар у меваларни ҳаром ичкиликларга айлантириб гуноҳкор бўлишлари ҳақида зикр қилинганидан сўнг ушбу икки оятда янада ибратлироқ бўлган, тафаккур қиладиган кишилар учун Оллоҳ таолонинг беқиёс Қудратли ва бандаларига бениҳоя Меҳрибон Парвардигор эканига очиқ-ойдин далолат қилиб турадиган яна бошқа бир ҳодиса - Яратганнинг митти маҳлуқи бўлмиш асаларилар ва уларнинг зиммасига юкланган ўта мураккаб вазифа ҳақида сўз боради. Ушбу оятларда Ҳақ таоло ҳатто асалари каби майда жониворларни ҳам Ўзи яратиб, сўнгра уларга қандай ҳаёт кечиришни ўргатиб, одамлар учун шифо ва озуқа бўлган асал ишлаб чиқаришни буюрганини баён қилади. Дарҳақиқат, ўқиб-ўрганаётганимиз ушбу сурайи кариманинг номига айланган асалари ҳаётига ибрат назари билан боқсак, унинг Оллоҳ таоло берган илҳом билан қандай улкан ва одамлар учун жуда фойдали бўлган меҳнат билан машғул экани ҳақида тафаккур қилсак, албатта Яратганнинг тенгсиз Қудрат Эгаси эканига яна бир бор иқрор бўламиз ва У Зотга дунёдаги жамийки жонли-жонсиз махлуқотини, ҳатто энг митти ҳашоротларгача инсо-ниятга хизматкор қилиб кўйгани учун шукроналар айтамиз. Чиндан ҳам, бу митти жонивор ўзининг заиф жуссаси билан тиним билмай гулдан гулга қўниб, баъзан ширин, баъзан аччиқ, ёки шўр-тахир, баъзан ҳатто заҳарли ўт-ўланлардан еб тўплаган нарсасини Оллоҳ таоло беқиёс хушбўй, лаззатли ва шифобахш асалга айлантириши ғоят ажабланарлидир, ўта ибратлидир! Дарҳақиқат, бу митти ва заиф жониворларнинг ҳаёт тарзларини кузатган киши ҳайратларга тушмасдан иложи йўқ. Уларнинг ўта интизомли жамоат бўлиб, ҳар бир уядаги минг-минглаб асаларилар албатта ўзларига бир амир сайлаб олишларини ва унга сўзсиз итоат этишларини, уялари оғзига албатта бир қоровул кўйиб, у қўриқчи бирон бегона арини уяга яқин йўлатмаслигини, ҳар куни уяларидан чиққан асаларилар турли томонга қараб учиб, қанчадан қанча чақирим йўл босиб, кейин яна биронтаси йўлини йўқотиб қўймасдан, адашмасдан ўз уясини топиб келишини кўрган одам албатта бу ишларнинг барчаси Оллоҳ таоло уларга ато этган Илоҳий илҳом билан юз бераётганига гувоҳ бўлади.
“Унинг қорнидан алвон рангли ичимлик-асал чиқур. Унда (яъни, асалда) одамлар учун шифо бордир”.
Асал инсоният учун шифо экани ҳақида бир қатор саҳиҳ ҳадисларда ҳам айтилган:
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди У: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар сизларнинг дориларингиздан бирон нарсада яхшилик бўлса, у зулук билан қон олишдадир ёки асал ичишдадир ёхуд касалланган жойни ўт билан куйдиришдадир. Лекин мен ўт билан куйдиришни суймайман”, деяётганларини эшитганман”, деди. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Бир киши Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Биродаримнинг ошқозони шишиб оғриб қолди”, деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга асал ичиргин”, дедилар.У киши биродарига асал ичирди, сўнгра келиб: “Мен унга асал ичирган эдим, қорин оғриғи янада кучайиб кетди”, деди. “Бас, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам у кишига уч марта биродарига асал ичиришни маслаҳат бердилар. Кейин, у киши тўртинчи марта келганида ҳам: “Унга асал ичиргин”, деган эдилар,у яна: “Асал ичирдим, аммо қорин оғриғи бадтар кучайиб кетмоқда”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳнинг (“асалда одамлар учун шифо бор”, деган) Сўзи ростдир, биродарингнинг қорни алдамоқда”, дедилар. Сўнгра у киши биродарига яна асал ичирган эди, у шифо топди”. (Бухорий, Муслим ва Бағавий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда: “Икки шифони - Қуръон ва асални маҳкам ушланглар”, дейилади. (“Тафсири Бағавий”дан).
70. (Эй инсонлар), сизларни ҳам Оллоҳ яратгандир. Сўнгра Унинг Ўзи сизларни вафот қилдирур. Сизларнинг орангизда (ёшликдаги гўзал-тотли ҳаётдан кексалик пайтидаги) энг тубан кун кўришга (яъни, ўзини бошқара олмайдиган ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг биронтасини билмай қоладиган (яъни, ўта кексайиб вафот қиладиган) кишилар ҳам бордир. Албатта Оллоҳ Билгувчи ва Кудратлидир.
Яъни, эй инсонлар, борлиқдаги барча махлуқотни яратгани каби сизларни ҳам Оллоҳ таоло яратгандир. Сўнгра айримларингизни гўдаклик чоғида, бошқаларингизни ёшлик пайтида, яна бошқаларингизни эса, қариб кексайган вақтида жонларини олиб вафот қилдирадиган ҳам Ёлғиз Унинг Ўзидир. Бас, ораларингизда соппа-соғ, куч-қувватга тўлган ҳолида вафот қилиб кетадиган кишилар бўлгани каби ёшликдаги гўзал-тотли ҳаётдан кейин кексалик пайтидаги худди ёш гўдакдек ўзини бошқара олмайдиган ночор аянчли ҳолатга қайтарилиб, яъни, ўта кексайиб вафот қиладиган кишилар ҳам бўлур. Албатта, бу сирни - ким гўдаклик чоғидаёқ, ким ёшлик пайтида, ким кексайиб вафот қилишини Бир Оллоҳ таоло Билгувчидир, шунингдек, бандаларидан бировини ёш, кучга тўлган чоғларидаёқ вафот қилдиришга, бошқа бировини эса, ўлдирмасдан узун умр ато этишга Қодир бўлган Зот ҳам Ёлғиз Унинг Ўзидир. Лекин ояти каримада ҳамма пири бадавлатлик деб орзу қиладиган узун умр ҳамма учун ҳам кексалик гаштини сурадиган пири бадавлатлик бўлмай, балки “энг тубан кун кўриш” бўлиб қолиши ҳам мумкин эканлиги эслатилади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган: “Биз кимга (узун) умр берсак унинг хилқатини (жисму-жонини) тубан - ночор қилиб қўюрмиз. Ахир ақл юргизмайдиларми (яъни, бир кишининг сурат ва сийратида ёш-яланглиги билан қари-қартанглиги ўртасида нақадар катта фарқ борлигини кўриб ибратолмайдиларми)?!” (Ёсин сураси, 68-оят).
Шунинг учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳим, мен Сендан бахилликдан, ялқовликдан, энг тубан умрдан - кексаликдан, дажжолнинг фитнасидан - унга алданиб қолишдан ҳамда ҳаёт ва мамот фитнасидан паноҳ беришингни сўраб илтижо қиламан”, деб дуо қилар эдилар. (Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоят ҳилганлар).
Яна Пайғамбар алайҳис-саломнинг: “Ҳар бир дарднинг давоси бор, фақат қарилик дардигина бедаводир”, деган сўзлари ҳам бордир.
Улуғ туркигўй шоир Махтумқули битган мана бу манзума, гўё мазкур ҳадиси шарифнинг шарҳидек:
Йигитликнинг зўри кетди белимдан,
Дард ёмони қариликдир, ёронлар.
Иложи йўқ унинг бошқа ўлимдан,
Дард ёмони қариликдир, ёронлар.
Хасталар кутулар, қари кутулмас,
Бу дардга ҳеч кимдан чора кутилмас.
Кўнгил куши учар-кетар тутилмас,
Дард ёмони қариликдир, ёронлар.
Бир таом емакка тишлари қолмас,
Сўзига ўғил, қиз кулок, ҳам солмас.
Узоқдан кўзласа, кўзлари кўрмас,
Дард ёмони қариликдир, ёронлар.
Айтсанг, сўз эшитмас, кулок, кар бўлар,
Ўлтириб турмоғи дардисар бўлар.
Суяклар зирқираб, дарбадар бўлар,
Дард ёмони қариликдир, ёронлар.
Оғзига қарасанг бир тиши бўлмас,
Тўшак ёстиқ билан ҳеч иши бўлмас.
Ёнида қадрдон тенг-тўши бўлмас,
Дард ёмони қариликдир, ёронлар.
71. Оллоҳ бировларингизни бировларингиздан ризқда устун қилиб қўйди. Бас, (ризқда) устун қилинган кишилар ўзларининг ризқларини қўл остларидаги қулларига қайтариб (бой-камбағалликда) барчалари баробар бўлиб олмайдилар-ку! (Шундай бўлгач, мушрик кимсалар қандоқ қилиб барчага ризқу рўз ато этгувчи Оллоҳ таолога қўлидан ҳеч иш келмайдиган бутларни баробар қилмоқчи бўладилар?!) Ёки улар Оллоҳнинг неъматини инкор қилурларми?! (Яъни, Яратганнинг Ўзи ато этган ризқу рўзни инкор қилишиб, бу неъматларни ўша жонсиз бутлар берган, деб ўйлайдиларми?!).
Юқоридаги оятда Ҳақ таоло Ёлғиз Ўзига аён бўлган ҳикмат билан инсонларнинг ҳаёти дунёдаги умрларини турлича бўлишини ирода қилгани - улардан бировларига узун, бировларига қисқа умр ато этгани ҳақида эслатганидан сўнг, ушбу ояти каримада уларнинг ҳаётдаги ризқ-насибалари ҳам ҳар хил бўлишини хоҳлаганини баён қилиб, бу Илоҳий қоидани ҳеч ким ўзгартира олмаслигини таъкидлайди. Демак, инсон қавмидан ҳеч икки киши ризқда баробар бўлмайди, албатта улардан айримлари қўлини қаёққа узатса етадиган бой-бадавлат ҳолда яшаса, айримлари фақир-мискинликда зўр-базўр кунини ўтказади, яъни, бой борича, йўқ ҳолича ҳаёт кечиради ва бу тенгсизликка ҳамма, хоҳласин-хоҳламасин, кўникишга мажбурдир. Чунки бу Ёлғиз Яратганнинг Ҳукми бўлиб, яралганлар уни ўзгартиришга қодир эмаслар. Қолаверса, бойлар ҳеч қачон ўзларига тегишли бўлган мол-давлатларини атрофдаги мискин-бечоралар билан баробар бўлишиб, ҳаммалари теппа-тенг ризқ насибага эга бўлган ҳолда яшашларига рози бўлмаганлари каби камбағаллар ҳам ҳеч қачон ҳар жиҳатдан ўзларидан бақувват бўлган бойларнинг бойликларини тортиб олишга кучлари етмайди, агар фаразан кучлари етган такдирда ҳам, оқибат-натижада булар бойга, наригилар камбағалга айланиб, яна ўртадаги тенгсизлик жойида қолаверади.
Ояти каримада мана шу ҳамманинг кўзи ўнгида бўлган ҳолат мисол келтирилиб, мушрик кимсаларга хитоб қилинади ва нега сизларнинг ораларингиздаги бой-бадавлат хожа ўзининг қўл остидаги йўқсил қулларига ҳеч бир жиҳатдан тенг бўлишни хоҳламаган ҳолида сизлар ҳар ишга Қодир бўлган Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога қўлидан ҳеч иш келмайдиган жонсиз бутларни баробар билиб, уларга сиғинмоқдасизлар?! деган савол кўндаланг қўйилади ва бу мисол билан мушрикларнинг “Оллоҳнинг тенглари - шериклари бор”, деб қиладиган даъволари ақлли одамларнинг иши эмаслиги таъкидланади.
Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган: “(Оллоҳ) сизларга ўзларингиздан бир мисол келтирур: Сизлар учун қўлларингиздаги қулларингиздан Биз сизларга ризқ қилиб берган молу-мулкка шерик бўлиб олгувчилар борми, бас, сизлар (мол-мулкингизни тасарруф қилишда у кулларингиз билан) баробар бўлиб, улардан (яъни, ўша қулларингиздан) ҳам ўзларингиздан қўрққандай қўрқурмисизлар? Биз ақл юргизадиган қавм учун оятларни мана шундай баён қилурмиз”.
(Рум сураси, 28-оят).
Бу оятни қуйидагича тушуниш керак: агар қўл остингиздаги қулла-рингиз сизларнинг молу давлатларингизга шериклик даъво қилсалар ва сизларга итоат қилишдан бош тортишиб, молу дунёларингизни сизлар билан баб-баробар тасарруф қила бошласалар, сизлар эса худди ўзларингизга ўхшаган озод одамлардан қўрққандек ўз қулларингиздан қўрқиб турсангиз рози бўлармидингиз? Албатта рози бўлмас эдинглар, бас, шундай экан, нега энди барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ таолога Ўзининг қулларини шерик қилиб олурсизлар?! Йўқ, ҳеч қачон Яратганга яралганлар тенг бўла олмас!
Уламолар ояти каримада зикр қилинган мавзу - инсонлар ризқу насибада айримлари айримларидан устун қилинганлари фақат моддий бойлик жиҳатидан бўлмай, балки уларга ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида бир-бирларидан фарқли ризқу насиба ато этилганини англатишини таъкид-лайдилар. Шунинг учун ҳам ҳаётда одамларнинг бири зеҳнли, бири зеҳнсиз, бири чиройли, бири кўримсиз, бири доно, бири ақлсиз, бири соғ, бири бемор... ва бу рўйхатни чексиз давом этдириш мумкин. Одамлар ўртасидаги бундай тафовутни ҳамма тан олади, аммо бу хилма-хиллик ким томонидан ҳаёт қонуни қилиб қўйилганини фақат мўминлар англаб етадилар. Чунки улар Тақсимловчи Ёлғиз Оллоҳ эканига иймон келтирадилар ва Яратганнинг мана бу Сўзига аниқ ишонадилар: “Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатишлари) учун (бировларини бой ёки кучли-қувватли қилиб, бошқа бировларини эса камбағал ёки заиф-кучсиз қилиб) айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз”. (Зухруф сураси, 32-оятдан).
72. Оллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар, дастёр (набира)лар пайдо қилди ва сизларни ҳалол-пок ризқлардан баҳраманд этди. Бас, (шундан кейин ҳам мушриклар) ботил (бутлар)га иймон келтириб, Оллоҳнинг неъматига кофир бўлурларми?!
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Одам болаларига ато этган неъматларидан инсоният ҳаёти ва у ҳаёт давомийлиги учун ҳаётий зарурат бўлган уч буюк неъматини зикр қилади. У неъматлардан биринчиси - Оллоҳ таоло Одам алайҳис-саломни тупроқдан яратганидан сўнг, унинг вужудидан (саҳиҳ ҳадисда хабар берилишича Одамнинг чап қовурғасидан) жуфти бўлмиш Ҳаввони пайдо қилганидир. Сўнгра у иккисидан дунёга келган эркак ва аёллар жуфт-жуфт бўлиб яшай бошладилар. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!” (Нисо сураси, 1-оятдан).
“Унинг оятларидан (яна бири) - У Зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир”. (Рум сураси, 21-оят).
Ояти каримада эслатилган иккинчи неъмат, Ҳақ таоло Ўзи барпо қилган оиладан - эркак ва аёл жуфтлигидан уларнинг кўз қувончлари ва ҳаёт давомчилари бўлмиш фарзандларини, фарзандларидан эса, елиб-югуриб уларнинг хизматларини қиладиган дастёрларни, яъни, невара-чевараларни яратиб, мана шу тарзда то Қиёматгача узилмасдан давом этадиган инсоний жамиятни пайдо қилиб қўйганидир.
Энди ўша инсонлар ҳаёти дунёда тўкис ва бахтли яшаб ўтишлари учун уларга турфа хил ҳалол-пок нарсалардан ризқ қилиб берилиши Жаноби Ҳақ томонидан Одам болаларига ато этилган учинчи Неъмати Илоҳийядир. Бас, барча инсонлар ҳеч ким инкор эта олмайдиган мазкур неъматларни ато этгани учун уларнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таолога тинмасдан шукр қилишлари ва Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишлари вожиб бўлгани ҳолда мушрик кимсалар ҳеч нарса ярата олмайдиган ботил бут-санамларга иймон келтириб, Оллоҳнинг сон-саноқсиз неъматига кофир бўладиларми?!
73. Ва Оллоҳни қўйиб, улар учун осмонлар ва Ердан бирон нарсани ризқ қилиб бера олмайдиган, ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган нарсаларга (яъни, жонсиз бутларга) ибодат қилурларми?!
Яъни, мушрик-кофирлар қандай ҳужжат-далил билан Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳтаолога ибодат қилиш ўрнига на осмондан ёмғир ёғдиришга ва на Ердан экин ундиришга қодир бўлмаган, қўлларидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бутларга сиғинмоқдалар?! Ахир бутун борлиқни йўқдан бор қилган, барча тирик мавжудотни тинимсиз равишда ризқу рўз билан таъминлаб тургувчи Қодир Оллоҳга кўлидан ҳеч бир иш келмайдиган жонсиз бутларни ширк келтириш ва уларга дуо-илтижолар қилиб сиғиниш ақл-хушлари жойида бўлган кишилар қиладиган иш эмас-ку?!
74. Бас, (эй мушриклар), сизлар Оллоҳ учун мисоллар келтирманглар (яъни, ҳеч бир нарсани Оллоҳга ўхшатманглар)! (У Зотнинг мисли - ўхшаши йўқдир.) Албатта Оллоҳ (барча нарсани) билур, сизлар (ҳеч нарсани) билмассиз.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мушрик кимсаларга қарата уларнинг ҳеч кимга фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган жонсиз бут-санамларни илоҳ деб сиғинишлари тамоман бефойда иш эканини эслатиб, Ер-у осмонларда Оллоҳ таолога ўхшаш бирон нарса йўқлигини айтади ва “Мендан бошқа бирон илоҳ йўқ, Ёлғиз Мен Танҳо Илоҳдирман”, деб гу-воҳлик берган Оллоҳ таоло барча нарсани билишини, аммо “Оллоҳнинг шериклари ҳам бор”, дейдиган мушриклар эса, ҳеч нарсани билмасликларини таъкидлайди. Демак, инсонлар Оллоҳ таоло шаънида ўзлари билмайдиган нарсаларини айтиб, турли мисоллар келтиришлари мутлақо дуруст бўлмаган ишдир. Балки ҳар бир ақлли инсон Оллоҳ таоло Ўзини танитиш учун келтирадиган ибратли мисолларга кулоқ тутиб, ҳақиқатни англаши вожибдир. Қуйидаги икки оятда Ҳақ Парвардигорнинг мушриклар сиғинадиган бутлардан тамоман бошқа, тенгсиз Қудрат Соҳиби эканини кўрсатиб берадиган икки ибратли мисол келтирилади:
75. Оллоҳ мисол келтирур: ҳеч нарсага кучи етмайдиган эгалик (яъни, бировга қарам бўлган) кул билан Биз Ўз тарафимиздан чиройли - мўл ризқ бериб, ўша ризқдан яширин ё ошкора инфоқ-эҳсон қилаётган (эркин) бир киши баробар бўлурми? (Албатта баробар бўлмас. Бас, нега мушриклар худди ўша қўлида ҳеч нарсаси йўқ қулга ўхшаган жонсиз бутларни бутун коинотнинг Эгаси бўлган ва уни Ўзи хоҳлаганидек тасарруф қиладиган Оллоҳ таолога тенг-шерик деб биладилар?!) Хамду сано Оллоҳникидир (яъни, Ўша Зотгина ҳамду санога ва маъбудликка Лойиқдир). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар.
Ояти каримада Ҳақ таоло мушрик кимсаларга қарата гўё шундай дей-ди: “сизлар қўлида ҳеч нарсаси йўқ бўлган, ўз ихтиёрича бирон иш қила олмайдиган, яъни, ўз эркига эга бўлмаган қул ҳеч қачон тўкис мол-давлатга эга бўлган ва ўз хоҳишича қўлидаги молини ошкора ҳам, бировларга билдирмай ҳам муҳтожларга инфоқ-эҳсон қиладиган киши билан баробар бўлмаслигини жуда яхши биласизларку! Бас, у ҳолда нега худди ўша кул каби қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган, ҳеч кимга фойда ҳам зиён ҳам етказа олмайдиган бутларни бутун оламларни йўқдан бор қилган, сўнгра уларнинг ҳаммасига умр, ризқ ва яна бошқа сон-саноқсиз неъматлар ато этган Оллоҳ таолога тенг билиб, уларга дуо-илтижолар қиласизлар?! Наҳотки одамлар ўз қўллари билан ясаб олган бут-санамлар барча жонли-жонсиз махлуқотни яратган Зот билан баробар бўлсалар?! Албатта ҳеч қачон баробар бўла олмайдилар ва У Зотга шерикпик қила олмайдилар. Лекин таассуфки, мана шу аён Ҳақиқатни кўпчилик инсонлар билмайдилар. Улар барча ҳамду-саноларнинг Ҳақиқий Эгаси бўлмиш Ҳақ таолони қўйиб, ўша жонсиз ва ҳеч кимга фойдасиз бутларига ибодат қиладилар! Ҳолбуки бу, ақлли кишилар қиладиган иш эмасдир.
Ибн Журайж Атодан ривоят қилишича, оятдаги “эгалик қул”дан мурод, мушрик Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Оллоҳ таоло чиройли-мўл ризқ берган ва ўша ризқидан яширин ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган кишидан мурод эса, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудир. (“Тафсири Табарий” ва “Тафсири Бағавий”дан).
76. Оллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур: улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган гунг-соқовдир. У эгасига ортиқча юк бўлиб (эгаси) қаерга жўнатса, бирон яхшилик-фойда келтирмайди. Ўша кимса билан Ўзи Тўғри Йўлда бўлган ҳолда, (ўзгаларни ҳам) адолат-ҳақиқатга буюрадиган Зот баробар бўлурми?! (Ҳеч қачон баробар бўлмас. У ҳолда нега мушриклар гунг-соқов бутларни бутун оламни Тўғри Йўлга юришга буюрадиган Оллоҳ таолога тенг - шерик, деб биладилар?!).
Бу - Ҳақ таоло томонидан келтирилган, Оллоҳ таоло билан бутлар ўртасида қандай катта фарқ борлигини аниқ кўрсатиб берадиган иккинчи мисолдир. Қатода ва бошқаларнинг тафсир қилишларича, оятдаги “ҳеч нарсага кучи етмайдиган гунг-соқов” кимса бутнинг мисоли бўлиб, “Ўзи Тўғри Йўлда бўлган ҳолда (ўзгаларни ҳам) адолат-ҳақиқатга буюрадиган Зот”дан мурод, Оллоҳ таолодир.
Дарҳақиқат, мушрик сиғинадиган бут эгасига, яъни, ўша мушрикнинг ўзига ортиқча юкдан бошқа нарса эмасдир. Аввало обиди уни ёғоч, тош ёки темирдан йўниб ясаши керак, кейин қаерга борса ўша ўзи ясаган бутни кўтариб юриши керак, аниқки унга дуо-илтижо қилиб айтилган сўзлардан ҳеч қандай фойда-натижа чиқмайди, чунки у на кўра олади, на эшита олади. Мушриклар илоҳ деб сиғинадиган бутлар - уларнинг шакли-шамойили қандай бўлмасин, - бамисоли бир гунг-соқов кимсага ўхшайди. Худди гунг-соқов кимсага қандай иш буюриб, қай томонга жўнатсангиз ҳам аввало сиз айтган сўзларни эшитмагани - карлиги сабабли, сўнгра сизнинг сўзларингизни борган жойида айтиб беролмаслиги - соқовлиги сабабли бирон фойда келтирмагани каби, у бутлар ҳам кўр-кар-соқов тош-ёғочлар бўлгани сабабли обидларига ҳеч қандай фойда келтира олмайдилар. Бас, ана ўша кар-соқов бутлар қандоқ қилиб Тўғри Йўлнинг Эгаси бўлган, бандаларини фақат адолат-ҳақиқатга буюрадиган, ҳамма нарсани кўриб, эшитиб, билиб турадиган Оллоҳ субҳонаҳу ва тао-лога шерик ёки тенг бўла олсинлар?! Ҳеч қачон тенг бўла олмайдилар! Демак, у бут-санамларни Оллоҳ таолога шерик қилиб, уларга сиғиниш ва улардан бирон яхшилик кутиш ақлли одамлар қиладиган иш эмасдир.
77. Осмонлар ва Ернинг сирлари Ёлғиз Оллоҳникидир. Соат - Қиёмат иши (яъни, Қиёматнинг қойим бўлиши) кўз очиб юмгунча ё унданда яқиндир. Албатта, Оллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир.
Яъни, осмонлар ва Ердаги - бутун борлиқдаги бандалар билмайдиган, уларнинг онг шуурларидан махфий бўлган барча сир-асрорлар Оллоҳ таолога аёндир - У барча ошкора ва яширин нарсаларни билур, бас, сизларнинг қилган амалларингиз қандай қилиб Унга маълум бўлмай қолиши мумкин? Бундай бўлиши асло мумкин эмасдир. Қиёмат Куни ва у Куннинг қачон келиши ана шундай бандаларга номаълум, Оллоҳ таолога эса аён ишлардан бўлиб, у Кунда ҳаёти дунёда бўлиб ўтган барча иш-амаллар, воқеа-ҳодисалар Оллоҳ таолога қайтарилур ва У Зот ҳар бир иш хусусида Ўзининг Адолатли Ҳукмини чиқарур - яхши амалларга жаннат мукофотини, ёмон ишларга дўзах азобини жазо қилиб берур. Эй инсонлар, огоҳ бўлингларки, сизларнинг айримларингизга жуда олисдек, айримларингизга ҳеч қачон рўй бермайдигандек кўринган у Кун кўз очиб юмгунча ёки унданда тезроқ келиб қолиши мумкин. “Улар (Қиёмат Кунини) узоқ деб билурлар. Биз эса, у (Кун)нинг яқинлигини билурмиз”. (Маориж сураси, 6-7-оятлар). Ҳар бир ишга Қодир бўлган Оллоҳ таоло Қиёмат Кунини ҳам Ўзи хоҳлаган Соатда - кўз очиб юмгунча ёки унданда яқинроқ муддатда келтиришга ва ҳар бир бандани қилиб ўтган иш-амалига яраша жазолашга албатта Қодирдир.
“(Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (Қиёмат Кунида) қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Оллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир”. (Луқмон сураси, 28-оят).
“(Яратмоқчи бўлган ҳар бир нарсамиз учун) Бизнинг Фармонимиз фақат биргина (яъни, «Бўл», деган сўз)дир. (Бас, ўша нарса) кўз юмиб очгунча (йўқдан бор бўлур)”. (Қамар сураси, 50-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Бир киши Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Қиёмат Соати қачон қойим бўлади?” деб сўраган эди, у зоти бобаракот: “Сен у Соат учун нима тайёрладинг?” дедилар. У киши: “Йўқ, у Кун учун бирон нарса тайёрлай олмадим, фақат мен Оллоҳ ва Унинг Элчисини яхши кўраман, (яъни, шундан бошқа бирон яхшилигим йўқ)”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен (Қиёмат Кунида) яхши кўрган кишинг билан бирга бўлурсан”, дедилар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Биз бирон нарсадан Пайғамбар алайҳис-саломнинг: “Сен яхши кўрган кишинг билан бирга бўлурсан”, деган сўзларидан шодланганимиздек шодланган эмасмиз”. (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар).
78. Оллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди.
Яъни, эй инсонлар, Оллоҳ таоло сизларни оналарингиз қорнидан дунёга келтирган кунда сизлар ҳеч нарсани билмас эдингизлар. Лекин Меҳрибон Парвардигорингиз ҳали она қорнидалик пайтингиздаёқ ҳар бирингизни билим ва маърифат олишингиз учун зарур бўлган қулоқ, кўз ва қалб каби энг керакли аъзолар билан таъминлаб қўйган эди. Токи сизлар ўз қулоқларингиз билан Яратганнинг Амр-Фармонларини эшитишингиз учун, кўзларингиз билан Унинг тенгсиз Қудратига далолат қиладиган мўъжизаларни кўришингиз учун ҳамда қалбингиз билан У Зотни таниб иймон келтиришингиз ва шукр қилишингиз учун сизларнинг ҳар бирингизга қулоқ, кўз ва юрак ато этилди.
Маълумки, Оллоҳтаолога шукр қилиш фақаттил билан бўлмай, балки инсон ўзининг вужудидаги ҳар бир аъзосини нима учун яратилган бўлса, ана ўша мақсадда ишлатиши билан бўлади. Яъни, қачонки банда Оллоҳ таолога чин ихлос билан тоат-ибодат қиладиган бўлса, унинг барча феъллари Ёлғиз Оллоҳ учун қилинадиган бўлиб қолади - энди у эшитганида холис Оллоҳучун эшитади, демак, у Оллоҳтаоло ҳаром қилган ёлғон, иғво ва ғийбатга қулоқ тутмайди ва сўзламайди; кўрганида холис Оллоҳ учун кўради, демак, у Оллоҳ таоло қарашни ҳаром қилган нарсаларга қарамайди; ҳатто унинг кўл оёқлари ҳам фақат Оллоҳтаолога тоат-ибодат қилиш учун ишлайди ва оқибат - натижада ҳам дунёда, ҳам Охиратда Ҳақ таолонинг Фазлу Раҳматига сазовор бўлади.
Бу хусусда “Саҳиҳул Бухорий”да ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам айтилгандир: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло айтди: “Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, у Менга қарши яккама-якка урушга чиқибди. Бандам Менга Мен унга фарз қилган ибодатларни адо этишдан афзалроқ бирон нарса билан яқинлаша олмас, сўнг бандам Менга нафл ибодатлар қилиш билан яқин бўлишга ҳаракат қилади ва оқибатда Менинг Меҳру Муҳаббатимни қозонади. Бас, қачон Мен унга меҳр кўйсам, у ҳолда унинг эшитадиган қулоғига, кўрадиган кўзига, тутадиган қўлига ва юрадиган оёғига айланаман (Яъни, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатида Ўзим Мададкор бўламан) ва у Мендан нимани сўраса, албатта унга сўраган нарсасини ато этаман, Менга дуо қилса, албатта ижобат қиламан Мендан паноҳ сўраса, албатта паноҳ бераман. Мен бирон нарсада мўмин бандамнинг жонини олишда иккиланганим каби иккиланмайман - у вафот қилиши лозим - ажали битган, аммо у ўлишни хоҳламайди, Мен эса уни хафа қилишни хоҳламайман”. (“Тафсири Мунийр”дан).
79. Осмони фалакда (учиш учун) бўйинсундирилган қушларга боқмайдиларми?! Уларни Ёлғиз Оллоҳ ушлаб турибди-ку! Албатта, бу ишда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таолонинг тенгсиз Қудратига далолат қиладиган яна бир оят-аломат зикр қилинади. Дарҳақиқат, агар само томи остидаги ҳаво Яратган томонидан турли вазндаги жисмларни бемалол кўтариб тура оладиган даражада зичлик ва босим билан таъминланмаганида, албатта осмонда бирон қуш уча олмай, дарҳол Ерга қулаб тушган бўлар эди ва агар Оллоҳ таоло қушларни қанотли, думли - учиш-қўнишга лаёқатли қилиб яратмаганида, бирон қуш кўкка парвоз қила олмаган бўлар эди. Бу ҳақда яна бошқа бир оятда ҳам эслатилади: “Улар устларида (қанотларини) ёйгувчи бўлган ва йиққан ҳолда (учиб юрган) қушларни кўрмадиларми?! У (қуш)ларни Ёлғиз Раҳмонгина (самода) ушлаб турар! Албатта, У барча нарсани кўриб Тургувчидир”. (Мулк сураси, 19-оят).
Осмондаги ҳавонинг зичлиги дарё-денгизлардаги сувнинг зичлигидан кам бўлмагани учун ҳам худди сувда сузувчи қўлларини икки томонга ёзиб қулоч отиб сув устида сузиб юрганидек, осмондаги қушлар ҳам қанот қоқиб самода сузиб юрадилар, Ерга қўнишда эса, думларини ёзиб тезликларини пасайтирадилар. Демак, қушларни самода тутиб турган уларнинг қаноти эмас, балки уларни мана шундай парвозга лаёқатли қилиб яратган ва ҳавони ҳам ҳар қандай вазндаги жисмни кўтара оладиган қилиб зичлаб қўйган Оллоҳтаоло эканлиги маълум бўладики, бу оят-аломатлар ҳар бир иймон келтиргувчи қавм учун етарли ибратдир.
80. Ва Оллоҳ сизлар учун уйларингизни (ором оладиган) маскан қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларининг териларидан кўчадиган кунларингизда ва қўнадиган кунларингизда енгил кўтариб кета оладиган уй-ўтовлар (бунёд) этди ҳамда (қўйларнинг) жунидан, (туяларнинг) юнгидан ва (эчкиларнинг) тивитидан маълум бир вақтга қадар фойдаланиладиган жиҳоз ва матолар (яратди).
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг инсонларга ато этган неъматларини санашда давом этиб, ана шундай неъматларидан бири - инсонларга уй-жойлар бино қилишни таълим бериб, ўша уйларини улар учун касби кор чарчоғидан ва кўча ташвишларидан ором оладиган маскан қилиб қўйгани эканлигини эслатади. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон ҳаётида уй-жойнинг ўрни жуда аҳамиятлидир. Инсонлар ҳеч қаердан топа олмайдиган ором-осойишталикни ўзларининг уйларидан топадилар, уй улар учун иссиқ-совуқдан, қор-ёмғирдан паноҳ бўлади, оила аъзоларини ҳам, молу матоларини ҳам бегона кўзлардан тўсиб турадиган мустаҳкам қўрғон бўлади, уйдаги эҳтиёж ва имкониятга қараб турли мақсадлар учун мўлжаллаб бино қилинган ошхона, ишхона, ётоқхона, болалар хонаси ва меҳмон-хона каби алоҳида-алоҳида хоналар эса, оила бағрида тинч-осуда ҳаёт кечириб, фарзандларни тарбиялаб, меҳмонлар кутиб, ҳар бир оила жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб, бошқаларга ибрат-намуна бўлиши учун муҳим омиллардан эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, уй-иморат бино қилиш - киши фақат ўз ҳаётини ўйламасдан келажак авлод ҳақида ҳам қайғурганининг белгисики, ҳаётининг илк даврида, қўли қисқа - моддий имкониятлари чекланган ёшлик пайтида оталари куриб берган тайёр уйларда яшаган ҳар бир инсон, энди навбати билан ўзи ҳам имконият туғилганида фақат ўзига эмас, фарзанд-набираларига ҳам хизмат қиладиган пишиқ-пухта уй-иморатларни бино қилиб кетиши чин инсоний фазилатлардандир. Зотан, “ибодат қилганингда худди эртага ўладигандек ибодат қилгин, иморат қурганингда худди ҳеч қачон ўлмайдигандек иморат кургин”, деган ҳикматли иборанинг ҳам асл мазмуни шудир.
Ҳақ субҳонаху ва таоло ўтроқ ҳаёт кечирадиган шаҳар-қишлоқ аҳли учун уйларни маскан қилишни таълим бергани каби кўчиб-қўниб юрадиган, кўчманчилик билан ҳаёт кечирадиган инсонлар учун ҳам тўғри келган жойда очиқ-сочиқ ҳолда ётиб кетавермасдан, ўзларига мос уй-ўтовларни куриб, “маълум бир вақтга қадар”, яъни, кўчадиган вақтларига қадар ана ўша ўтов ва чодирларда яшашни таълим берди. Улар ўзлари боқиб-кўпайтирадиган чорва ҳайвонларнинг териларидан енгил, саноқли соатларда қуриб, саноқли соатларда йиғиб кетса бўладиган ўтов ва чодирларни тиклаб, у бошпаналарининг асбоб-анжомларини ҳам ўша ўзларининг қўлларидаги чорва ҳайвонларидан - “(кўйларнинг) жунидан, (туяларнинг) юнгидан ва (эчкиларнинг) тивитидан” тўқиб-босиб, ўзлари учун гилам, кигиз ва яна бошқа уй жиҳозлари ясаб оладиган бўлдилар.
Оллоҳ таоло бандаларига ато этган яна бир неъмати ҳақида баҳс этган ушбу ояти карима мазмунидан чорва ҳайвонларининг нафақат гўшт-ёғларидан, балки тери ва жунларидан ҳам фойдаланиш жоиз эканлиги аён бўлади. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари ҳатто ҳаром ўлган ҳайвонларнинг тери ва жунларидан ҳам фойдаланиш мумкин эканлигини, фақат уларни эҳтиётан ювиб юбориш кераклигини айтадилар ва мана бу ҳадисларни далил қилиб келтирадилар: Мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоху анҳодан ривоят қилинди: Пайғамбаримиз соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Ўлган жониворнинг териси, агар ошланса ва унинг жун ва қили агар ювиб ташланса, (улардан фойдаланишнинг) зиёни йўқдир”.
Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можжа Ибн Аббос розияллоху анхумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса: “Қайси бир тери ошланса, бас, у тоза бўлибди”, дедилар.
Абу Ҳанифа розияллоху анху: “Шох, тиш ва суяклар ҳам қил-жун кабидир. Чунки бу нарсаларнинг барчаси аслида жонсиз нарсалардир. Бас, улар ҳайвон ўлиши билан нажасга айланмайди”, дейди”. (“Тафсири Му-нийр”дан).
81. Яна Оллоҳ сизлар учун Ўзи яратган нарсалардан соя-салқин жойлар (бунёд) этди ва сизлар учун тоғлардан ғор-бошпаналар қилди ҳамда сизлар учун иссиқ (совуқ)дан асрайдиган кийимлар ва сизларни (душманлар томонидан етадиган) зиёндан сақлайдиган совут-лар (яратди). У Зот шояд мусулмон бўларсизлар, деб сизларга Ўз неъматини мана шундай комил қилиб берур.
Юқоридаги оятда одамлар ўзларига бошпана бўлиши учун қуриб оладиган уйлар ва ўтовлар ҳақида айтилган бўлса, ушбу ояти каримада одамларнинг қўли билан қурилмаган тамоман бошқача “бошпана” ва “соябонлар” хусусида сўз борадики, улар - Оллоҳ таоло Ўз Қудрати билан Ердаги жамий-ки жонзотни қуёшнинг иссиғидан сақлайдиган “соябон” қилиб кўйган ос-мондаги булутлар, тоғлар ва дарахтлардир ҳамда У Зотнинг Ўзи одамлар учун қор-ёмғир ва иссиқ-совуқдан сақлайдиган “бошпана” қилиб кўйган тоғлардаги ғорлар ва унгурлардир. Маълум бўладики, Меҳрибон Парвардигор одамзотни яратиб кўчага ташлаб қўйгани йўқ, балки унинг учун ушбу оятларда мазкур бўлган турли бошпана ва соябонларни ҳам ато этди.
Шунингдек, ҳатто парранда-ю даррандаларни ҳам пат, жун, юнг ва тивитлар билан “кийинтириб кўйган” Холиқимиз, албатта, Одам болаларини ҳам яланғоч ташлаб қўймади, балки улар учун пахта, жун ва темир каби керакли хом ашёларни яратиб, бу нарсалардан тинчлик пайтларида иссиқ-совуқдан, нотинч кунларда эса, душман ҳамласидан сақлайдиган кийим-бош ва совутлар тайёрлаб, ўзларини иссиқ-совуқдан ва ўлим хавфидан ҳимоя қилишларини таълим берди.
Ояти карима ниҳоясидаги “У Зот шояд мусулмон бўларсизлар, деб сизларга Ўз неъматларини мана шундай комил қилиб берур”, деган жумла билан Ҳақ таоло инсонларга ушбу оятларда зикр қилинган Илоҳий неъматларни токи улар Ислом Динини қабул қилиб мусулмон бўлсинлар, Ёлғиз Оллоҳ таолога иймон келтириб, ширк ва бутпарастликнинг барча турларини тарк этсинлар ва оқибат-натижада Парвардигор улар учун тайёрлаб кўйган жаннатларга кириб, дўзах азобидан нажот топсинлар, деб ато этганини эслатади. Албатта бу Илоҳий Эслатмадан кейин Макка аҳлидан Оллоҳтаолонингтавфиқ ва Ҳидоятига мушарраф бўлган бахтли инсонлар Яратганнинг Амрига итоат этиб мусулмон бўлдилар. Аммо кўпчилик шундан кейин ҳам куфр ва ширк ботқоғидан чиқишни хохдамай нонкўрлик ва кўрнамаклик қилдиларки, қуйидаги оятларда ана шундай кўрнамак кимсаларга қандай муносабатда бўлиш кераклиги таълим берилади -
82. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар энди ҳам улар юз ўгирсалар, у ҳолда Сизнинг зиммангизда фақат (Ҳақ Динни мана шундай) очиқ-ойдин қилиб етказиш бор, холос.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, бас, агар Макка мушриклари Сиз уларга етказган мана шундай Илоҳий ҳужжатлар ва ибратли эслатмалар-ни эшитиб-билганларидан кейин ҳам Ҳақ Динни қабул қилмай ўзларининг ширк ва исёнларида оёқ тираб тураверадиган бўлсалар, у ҳолда Сиз ўзингизни маломат қилманг, чунки бу Сизнинг айбингиз эмасдир. Сизнинг зиммангиздаги вазифа, фақат ўзингизга нозил бўлган Каломуллоҳни одамларга очиқ-ойдин қилиб етказиш, холос. Сиз бу улуғ вазифани ҳеч бир қўшимча қилиб бўлмайдиган тарзда мукаммал адо этдингиз.
Чунки уларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш ёки залолатга кетказиш Сизнинг қўлингиздаги иш бўлмай, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бандаларини (яъни, ҳидоят топиш бахтига лойиқ бўлган бандаларини) Тўғри Йўлга бошлар, Тўғри Йўлга нолойиқ бўлган кимсаларни эса, Унинг Ўзи залолатга кетказур. Бундай бахтсиз кимсаларннг сифатларидан бири қуйидаги ояти каримада мазкурдир -
83. Уларнинг айримлари Оллоҳнинг неъматини танирлар ва кейин уни инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир.
Уламолар ушбу ояти каримани турлича тафсир қилганлар: Мужоҳид ва Қатода айтади: “Мушрик-кофир кимсалар ушбу сурада санаб ўтилган барча неъматларни Оллоҳ таоло ҳузуридан эканини тан оладилар-у, кейин: “Биз бу неъматларни ота-боболаримиздан мерос қилиб олганмиз”, деган сўзлар билан у неъматларни Оллоҳ таоло ато этганини инкор қиладилар”.
Суддий айтади: “Ушбу оятда зикр қилинган неъматдан мурод, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Мушриклар у зотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларини таниб-билиб турадилар-у, кейин у зотни ёлғончи деб, ўзлари билган ҳақиқатни инкор қиладилар”.
Авн ибн Абдуллоҳ айтади: “Улар фойда ҳам, зиён ҳам Ёлғиз Оллоҳ таоло ҳузуридан келишини жуда яхши биладилар-у, кейин: “Агар фалончи бўлмаганида, фалон иш бўлмас эди, агар фалончи бўлмаганида, бошимга мана шу мусибат етмас эди”, деган сўзлари билан ўзлари билган ҳақиқатни инкор қиладилар”.
Калбий айтади: “Қачонки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга Оллоҳ таолонинг неъматларини таърифлаб танитганларида, улар: “Тўғри, буларнинг ҳаммаси Оллоҳ тамонидан берилган неъматлар, аммо бу неъматларнинг бизларга етишига бутларимиз сабабчи”, дейдилар”.
Шунингдек, “улар қаттиқчилик кунларида Оллоҳтаолонинг неъматларини тан оладилар-у, кейин, кенгчилик кунлари келганида у неъматлар Оллоҳтаолоники эканини инкор қиладилар”; “улар тилларида ушбу сура-да санаб ўтилган неъматлар Оллоҳ томонидан эканлигини тан оладилар-у, кейин амалларида ўша неъматларни ато этган Зотдан ўзгага ибодат қилиш билан ўзлари тан олган ҳақиқатни инкор қиладилар”, деган тафсирлар ҳам бордир. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Кўриниб турганидек, ушбу тафсирлар гарчи турлича бўлса-да, асло бир-бирини инкор қилмайди, аксинча бир-бирларини тўлдириб, биз ўкувчилар ояти карима мазмунини тўлақонлироқ англашимизга ёрдам беради.
84. Биз (Қиёмат) Кунида ҳар бир умматдан бир гувоҳни (яъни, ўша умматнинг пайғамбарини ҳам) тирилтирурмиз. Сўнгра кофир бўлган кимсаларга (тавба-тазарруъ қилиш учун) изн берилмас ҳамда улардан (Оллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам талаб қилинмас.
Чунки Охират диёри амал қиладиган жой эмасдир, балки ҳаёти дунёда қилинган солиҳ амаллар учун мукофот, ёмон амаллар учун жазо олинадиган жойдир. Бас, у Кунда уларга яхши амаллар қилиб Оллоҳ таоло-нинг ризосига эришишлари учун ҳам, ҳаёти дунёга қайтиб тавба-тазарруъ қилишлари учун ҳам изн берилмас. Демак, дунё деҳқончилик қиладиган, Охират эса, қилинган меҳнатга яраша ҳосил оладиган жойдир.
Қиёмат Кунида ҳар бир уммат устида албатта бир гувоҳ келтирилиши ҳақидаги хабар суранинг 89-оятида такроран зикр қилинади.
85. Ва золим (кофир) бўлган кимсалар (жаҳаннам) азобини кўрган вақтларида улардан (азоб) енгиллатилмас ва уларга муҳлат ҳам берилмас.
Яъни, кофир кимсалар Қиёмат Кунида дўзахга хукм қилинганларида ва Оллоҳ таоло улар ҳали ҳаёти дунёда бўлган вақтларида ваъда қилган жаҳаннам азобини ўз кўзлари билан кўрганларида ҳаммалари дод-фарёд қилишиб, дўзахиларни азобловчи фаришта Моликдан азобни бироз енгиллатишини сўрайдилар, аммо азоблари енгиллатилмайди, ҳеч бўлмаса бир оз дам олиш учун муҳлат сўрайдилар, аммо уларга бирон дақиқа муҳлат ҳам берилмайди.
86. (У Кунда) мушрик бўлган кимсалар ўзларининг бутларини кўрган вақтларида: “Парвардигоро, анавилар биз ширк келтирган бутларимиздир, бизлар Сени қўйиб, ана ўшаларга дуо-илтижо қилар эдик”, деганларида, у (бутлар бунга жавобан): “Сизлар, шак-шубҳасиз ёлғончидирсизлар”, деб гап қотарлар.
Яъни, Қиёмат Кунида дўзахга хукм қилинган мушрик кимсалар Оллоҳнинг азобидан қутулишнинг ҳеч бир чорасини топа олмай қолган вақтларида баногоҳ бутларини - ўзлари ҳаёти дунёда сиғиниб ўтган ва “мана шулар Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўладилар”. (Юнус сураси, 18-оят) деб ишонган бутларини кўриб қоладилар-да, худди чўкаётган одам ҳар қандай хас-хашакка ёпишганидек, ҳамма айбни бутларга тўнкамоқчи бўладилар, яъни, ўзларининг ширк келтиришларига ана ўша бутлар сабабчи бўлганини, демак, азобга ҳам ўшалар гирифтор қилиниши кераклигини айтмоқчи бўладилар ва: “Парвардигоро, анавилар биз Сенга ширк келтирган бутларимиз бўладилар, бизлар Сени қўйиб, ана ўшаларга дуо-илтижо қилар эдик”, дейдилар. Шунда Оллоҳ таоло кофирларни шармандайи шармисор қилиш учун у жонсиз бутларга забон ато этади ва улар мушрикларнинг даъволарини инкор қилиб: “Сизлар, шак-шубҳасиз, ёлғончидирсизлар. Бизлар ҳеч қандай илоҳ эмасмиз ва ҳеч қачон сизларни бизга сиғинишга буюрган эмас-миз”, дейдилар. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Оллоҳни қўйиб, Қиёмат Кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар! (Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Оллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар”. (Аҳқоф сураси, 5-6-оятлар). “Улар (яъни, Макка мушриклари) Оллоҳни қўйиб, ўзларига куч-қудрат бўлиши учун «худолар» тутдилар - бутларга сиғиндилар. Йўқ, (Қиёмат Кунида бутлари уларни қўллай олмайди, балки бутлар) уларнинг қилган ибодатла-рини инкор қилурлар ва уларга зид-душман бўлурлар”. (Марям сураси, 81-82-оятлар).
87. Ва (мушриклар) у Кунда Ёлғиз Оллоҳга бўйинсунурлар, ўзлари тўқиб олган нарсалари эса, улардан ғойиб бўлур.
Яъни, ҳаёти дунёда бўлган пайтларида итоатсизлик ва кибр-ҳаво қилиб ширк келтирган мушрик кимсалар Қиёмат Кунида Оллоҳ таолонинг Амри ва Ҳукмига сўзсиз бўйинсунурлар ва улар ўзларича тўқиб олган: “Оллоҳнинг шериклари” бор, ана ўшалар бизга Оллоҳ олдида ёрдам беради, бизни қўллаб шафоат қилади”, деган сўзларининг барчаси йўқ бўлур.
“Агар Сиз (эй Муҳаммад алайҳис-салом), у жиноятчи кимсаларни (Қиёмат Кунида) Парвардигорлари ҳузурида бошлари эгик ҳолда туриб: “Парвардигоро, (ваъданг рост эканлигини) кўрдик ва эшитдик... (дейишларини) кўрсангиз эди”. (Сажда сураси, 12-оятдан).
“Улар Бизга келадиган Кунда жуда ҳам (аниқ) кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қолурлар. Лекин у золимлар бугун очиқ залолатдадирлар”. (Марям сураси, 38-оят).
Қиёмат Кунида мушриклар ҳам, улар “Оллоҳнинг шериклари” деб эътиқод қилиб сиғинган нарсалар ҳам - у нарсалар қуёш бўладими, ой ёки юлдузлар бўладими ёхуд бут-санамлар бўладими - барча-барчаси Ёлғиз Оллоҳнинг Ҳукмига бўйсуниши ва у нарсалар ўзларининг обидларини эргаштириб олиб бориб дўзахга киритиб юборишлари ҳақида ҳадиси шарифда ҳам айтилгандир: “Саҳиҳи Муслим”да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Қиёмат Кунида: “Ким нимага ибодат қилган бўлса, ўша нарсага эргашсин”, деб буюрилади. Бас, қуёшга сиғинганлар қуёшга, ойга сиғинганлар ойга, бут-санамларга сиғинганлар бут-санамларга эргашиб (дўзахга кирадилар). (“Тафсири Мунийр”дан).
88. Кофир бўлган ва (одамларни) Оллоҳ Йўлидан тўсган кимсаларга бузғунчилик қилганликлари сабабли азоб устига азобни зиёда қилурмиз.
Юқоридаги оятларда Тўғри Йўлга юрмаган ва Ҳақ Динни қабул қилмаган кофир-мушрик кимсалар Қиёмат Кунида гирифтор бўладиган азоб-уқубатлар зикр қилингач, энди ушбу ояти каримада ўзи кофир бўлганидан ташқари бошқаларни ҳам Оллоҳнинг Йўлидан тўсган кимсаларни Охират диёрида қандай жазо кутаётгани ҳақида хабар берилади. Ҳақ таоло аниқ ва қатъий огоҳлантирадики, кимда-ким Оллоҳ ва Унинг Элчи-си Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга кофир бўлса ва бу мудҳиш жинояти устига ўзгаларни ҳам Оллоҳнинг Йўлидан - Дини Исломдан тўсиш билан иккинчи мудҳиш жиноятни ҳам қиладиган бўлса, ундай кимсалар Ер юзида бузғунчилик қилганлари учун Қиёмат Кунида албатта икки баробар азобга гирифтор қилинадилар. Оллоҳ таоло у жиноятчи кофирларга азобни қай тарзда зиёда қилиши мана бу Ҳадиси шарифдан аён бўлади: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта дўзах аҳли унинг иссиғига чидай олмай дўзахдаги саёзроқ жойга интиладилар. Бас, ўша жойга етишганида, уларни худди қора хачирлар каби улкан чаёнлар ва гўё узун бўйинли баҳайбат туялардек илонлар кутиб олиб, аёвсиз чақа бошлайдилар. Мана шу уларга азоб устига азобнинг зиёда қилинишидир!” (Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилганлар. “Тафсири Мунийр”дан).
89. Биз (Қиёмат Кунида) ҳар бир умматдан уларнинг ўзларидан бўлган бир гувоҳни (яъни, ўша умматга юборилган пайғамбарни ҳам) тирилтирурмиз. Сизни эса, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), ана улар (яъни, барча умматлар) устида гувоҳ қилиб келтирдик ва Биз Сизга - ҳамма нарсани баён қилиб бергувчи бўлган Китобни - Куръонни нозил қилдик. (Ушбу Китоб) мусулмонлар учун Ҳидоят, Раҳмат ва Хушхабардир.
“Биз (Қиёмат Кунида) ҳар бир умматдан уларнинг ўзларидан бўлган бир гувоҳни (яъни, ўша умматга юборилган пайғамбарни ҳам) тирилтирурмиз. Сизни эса, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), ана улар (яъни, барча умматлар) устига гувоҳ қилиб келтирдик...”
Ояти каримадаги ушбу жумлалар мазмунини бизга Нисо сурасининг 41-42-оятлари тафсир қилиб беради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана ўшаларнинг (барчалари) устида гувоҳ қилганимизда (инсонларнинг ҳоли) қандоқ бўлур?!” (Нисо сураси, 41-оят).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Қуръон ўқиб бергин”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон Сизга нозил қилинганку, мен Сизга Қуръон ўқиб бераманми?” дегандим, “Ҳа”, дедилар. Шунда мен Нисо сурасини ўқиб, ушбу “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана ўшаларнинг (барчалари) устида гувоҳ қилганимизда (инсонларнинг ҳоли) қандоқ бўлур?!” оятига етиб келганимда “Шу ергача етар”, дедилар. Қарасам, кўзларидан ёш қуйиларди”.
Уламолар айтадилар: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йиғлашлари у Куннинг даҳшатидан эди. Чунки у Кунда барча пайғамбарлар ўз қавмлари устида, улардан ким мўмин, ким кофир бўлгани ҳақида гувоҳлик бериш учун келтириладилар. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам гувоҳ сифатида келтириладилар. Бу ҳақда Бақара сурасида ҳам зикр қилинган: “Шунингдек, (яъни, Тўғри Йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик.” (Бақара сураси, 143-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг барча уммат устида гувоҳ бўлишлари хусусида Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳу Саид ибн Мусаййиб розияллоҳу анхудан шундай ривоят қилган. Саид ибн Мусаййиб айтади: “Ўтадиган ҳар бир кунда Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламга эрта-ю кеч умматлари кўрсатиб турилади, бас, у зот уларнинг сиймо - суратларини таниб, қилган амалларидан хабардор бўладилар. Шунингучун улар устида гувоҳликка ўтадилар”. (Тафсири Куртубий).
Ҳақ таоло ушбу оятда Қиёмат Кунида - ҳар бир уммат устида пайғамбарлари, у пайғамбарлар устида энг улуғ Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳ бўлиб, ким мўмин-у, ким кофир эканини айтадиган ва шу буюк гувоҳликка биноан мўмин жаннатга, кофир дўзахга ҳукм қилинадиган Кунда умрларини куфр билан ўтказган кимсалар қандай аҳволга тушар эканлар, деб Ўз таажжубини изоҳ қилади ва бу билан динсиз кимсаларни қаттиқ огоҳлантиради. Қуйидаги оятда эса, уларнинг ўша Кундаги аҳволи тасвирланади:
“У Кунда кофир бўлган ва Пайгамбарга итоатсизлик қилган кимсалар ер билан яксон бўлиб кетишни орзу қилиб қоладилар ва (лекин) Оллоҳдан бирон гапни яшира олмайдилар”. (Нисо сураси, 42-оят).
Калбий айтади: “Қиёмат Кунида Оллоҳтаоло ҳайвонлар ва қушларга: “Тупроққа айланинглар”, дейди ва улар яна қайта Ер остига кириб тупроққа айланадилар. Мана шунда ҳар бир кофир тупроққа айланиб қолишни орзу қилади. “(Эй Макка кофирлари), дарҳақиқат, Биз сизларни яқин(да воқе бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. У Кунда (ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани (яъни, барча яхши-ёмон амалларини) кўрур ва кофир кимса: «Эҳ, кошки эди (қайтадан) тупроққа айланиб кетсам-у, (муҳаққақ бошимга тушадиган азобдан қутулсам)», деб қолур”, (Набаъ сураси, 40-оят).
Лекин уларнинг бу орзулари амалга ошмайди - тупроққа айланмай-дилар, аксинча, ҳаёти дунёда Яратганга иймон келтирмаганлари учун, Унинг пайғамбарларига итоат этмаганлари учун энг қаттиқ жазога - мангу дўзах азобига гирифтор бўладилар.
Шунингдек, улар “Оллоҳдан бирон гапни яшира олмайдилар”. Чунки баданларидаги ҳар бир аъзо уларга қарши гувоҳлик беради: “Бу Кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур”, (Ёсин сураси, 65-оят).
"... ва Биз Сизга ҳамма нарсани баён қилиб бергувчи бўлган Китобни - Қуръонни нозил қилдик. Ушбу Китоб мусулмонлар учун Ҳидоят, Раҳмат ва Хушхабардир”.
Ушбу жумлада Оллоҳ таолонинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръони Азимнинг бошқа самовий Китобларда топилмайдиган тўрт сифати зикр қилинди.
У сифатлардан биринчиси, ушбу Китоб мўминларга ҳамма нарсани баён қилиб бергувчидир. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилади: “Биз Китобда бирон нарсани қолдирмай (айтганмиз)”. (Анъом сураси, 38-оят).
Муфассирлардан Розий ва яна бир жамоат ушбу оятдаги Китобдан мурод Куръон деб тафсир қиладилар. Улар: “Ҳақ таоло Динга оид бирон ҳукмни қолдирмай Қуръонда баён қилгани айтилмоқда. Фақат айрим ҳукмлар Қуръони Азимда кенг, муфассал баён қилинган, айримлари ҳақида эса қисқача хабар берилган бўлиб, у Илоҳий хабар ёки ҳукмларнинг тафсилотини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам баён қилиб бера-дилар ёки оят ва ҳадис асосида уммат уламолари - саҳобалар, тобеинлар бир хукмга иттифоқ қилишади ёхуд Қуръонда мавжуд хукмга қиёс қилиниб хукм чиқарилади”, дейдилар.
Баски, Қуръони Азимда ҳар бир мусулмон билиши лозим бўлган барча нарса аниқ баён қилинган экан, демак, бу Китоб мўминларга Тўғри Йўлни - Ҳидоят йўлини аниқ кўрсатиб бергувчидир, мўминлардан ким Қуръон кўрсатган мана шу Ҳидоят Йўлида барқарор бўлар экан, у албатта, Оллоҳ таолоннинг Раҳматига эришгувчидир. Бас, маълум бўладики, Қуръон тўласича мусулмонлар учун жаннат ҳақидаги Мужда - Хушхабардир.
90. Албатта, Оллоҳ адолатли бўлишга, эҳсон қилишга ва қавм-қариндошга (ҳақларини) беришга буюрур ҳамда бузуқлиқцан, ёмонликдан ва зўравонликдан қайтарур. У Зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга ваъз-иршод қилур.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анхумодан ривоят қилинишича, ояти каримадаги Оллоҳтаоло буюрган “адолат”дан мурод, “Ла илаҳа иллаллоҳ - Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бордир”, деб гувоҳлик беришдир, “эҳсон - чиройли амал”дан мурод, фарз амалларни адо қилишдир, “қавм-қариндошга (ҳақларини) бериш”дан мурод, қариндош-уруғларга, улар сенга қариндош бўлганлари сабабли Оллоҳ таоло зиммангга вожиб қилиб қўйган ҳақларини беришингдир. Оллоҳ таоло қайтарган “бу-зуқлик”дан мурод, зинокорлик, “ёмонлик”дан мурод эса, кибр ва зулмдир. (“Тафсири Бағавий”дан).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анху айтади: “Ушбу оят яхшилик ва ёмонликнинг барчасини жамлаган оятдир”. (“Дуррул-Мансур” тафсиридан).
Дарҳақиқат, Ҳақ субҳонаху ва таоло ушбу ояти каримада Дини Ислом моҳиятини саноқли сўзларда мухтасар қилиб белгилаб беради.
Аввало Оллоҳ таоло бандаларини дин-у дунё ишларининг барчасида адлу инсофга буюради. Демак, инсон ўзи хусусида ҳам, ўзгалар билан бў-ладиган барча муомала - муносабатларида ҳам, бирон нарса ҳақида хукм чиқаришда ҳам, хуллас, ҳаётининг ҳар бир жабҳасида адолатни, инсофни маҳкам ушлаши керак ва албатта, биринчи галда эътиқодида адолатли бўлиши лозим. Яъни, ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ёки зиён етказа олмайдиган турли-туман бут-санамлар Танҳо Холиқ ва Раззоқ Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога тенг бўлиши мутлақо мумкин эмаслигини аниқ билиши лозим. Буюк муфассир Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг: “Ояти кари-мадаги “адолат”дан мурод, “Ла илаҳа иллаллоҳ - Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бор”, деб гувоҳлик беришдир”, деган сўзларининг асл мазмуни шудир.
Шунингдек, Ҳақ таоло бандаларини эҳсон-чиройли амал қилишга чақиради. Албатта, банда қиладиган энг чиройли амал Яратган буюрган фарз амалларни бекаму кўст адо этишдир.
“Эҳсон - Оллоҳ таолога гўёки У Зотни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Чунки агар сен Уни кўра олмасанг, У сени кўриб турур”. “Саҳи-ҳайн”да ворид бўлган ушбу муборак ҳадис ибодатдаги эҳсоннинг энг гўзал таърифидир.
Эҳсон - чиройли амал қилиш, мусулмон инсоннинг энг чиройли фазилатларидан бўлиб, Оллоҳ таолонинг Амри билан чиройли ибодат қилишга одатланган инсон энди ҳаётидаги ҳар бир ишни ҳам чиройли - пухта қилиб адо этишга ўрганади. Энди у аввало хунук ишлардан олис бўлади ва унинг қиладиган ҳар бир иши ўзи учун ҳам, ўзгалар учун ҳам фойдали, пухта ва албатта чиройли иш бўлади, у ўз ишини чала-чулпа, усти ялтироқ, хўжа кўрсин бўлишидан ҳазар қилади. Энди у ҳаммага эҳсон-яхшилик қиладиган, ҳатто унга ёмонлик қилган кишиларга ҳам яхшилик қила оладиган инсон бўлади. Зотан, Ҳазрати Расулуллоҳ соллолло-ҳу алайҳи ва саллам бежизга: “Сенга ёмонлик қилган кимсага эҳсон-яхшилик қил, мусулмон бўласан”, демагандирлар. Ийсо ибни Марям алайҳис-салом ҳам: “Эҳсон сенга яхшилик қилган кишига яхшилик қилиш эмас, балки сенга ёмонлик қилган кимсага яхшилик қилиш эҳсондир”, деган эди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Дарвоқеъ, сизга яхшилик қилган инсонга яхшилик билан жавоб қили-шингиз эҳсон эмас, балки зиммангиздаги вожиб бўлган адолатдир, аммо ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қила олиш ҳақиқий эҳсондир.
Суфён ибн Уяйна ушбу оятни тафсир қилар экан, “Оятдаги адолат - Оллоҳ учун амал қилгувчи ҳар бир кишининг зоҳири билан ботини, яъни, тили билан дили бир бўлишидир, эҳсон эса, унинг ичи ташидан чиройлироқ бўлишидир. Аммо зоҳири ботинидан, таши ичидан чиройлироқ бўлиши - унинг бузуқ ва ёмон кимса эканидан далолатдир”, дейди. (“Тафсири Куртубий”дан).
Имом Бухорий “Тарих”ида ривоят қилади: “Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анху суҳбатлашиб ўтирган одамлар олдидан ўтиб қолиб, нима ҳақда гаплашаётганларини сўраган эди, улар: “Одамийлик нима эканлиги ҳақида музокара қилмоқдамиз”, дейишди. Шунда у: “Ахир Оллоҳ азза ва жалла у ҳақда сизларга Ўз Китобида: “Албатта Оллоҳ адолатли бўлишга ва эҳсонга...буюради”, деб етарли қилиб айтиб қўйдику? Адолатли бўлиш ҳар бир ишда инсофли бўлмоқдир, эҳсон эса, лутфу марҳаматли бўлмоқдир. Бас, одамийлик ҳақида айтилмаган яна нима қолди?”, деди”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ҳақ таоло ушбу ояти каримада яна “қавм-қариндошга (ҳақларини) беришга” буюради. Гарчи қариндош-уруғларни доимо йўқлаб туриш, уларга барча ишларида ёрдам кўрсатиб, хайр-саховатлар қилиш каби савобли ишларнинг барчаси “эҳсон” калимаси мазмунида мужассам бўлсада, оятда қариндошларни йўқлаш мавзуси яна алоҳида зикр қилинишига сабаб, жамиятда иттифоқлик ва ижтимоий адолат барқарор бўлиши учун аввало қон-қариндошлар бир-бирлари билан яқин муомалада бўлишлари ўта муҳим эканлигидир. Қолаверса, қариндошларнинг бир-бирларида дин-дошликдан ташқари қондошлик ҳақлари ҳам бордир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) уларнинг ҳақларини ато этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг!” (Ал-Исро сураси, 26-оят).
Ҳадиси Қудсийда Оллоҳ таоло “қариндош” маъносини англатувчи “раҳим” калимасини Ўзининг Исми бўлмиш “Раҳийм”дан олганини айтиб, қариндош-уруғларга яқин бўлиш Оллоҳ таолога яқин бўлиш эканлигини таъкидлайди ва ҳар бир қон-қариндошга хитоб қилиб: “Ахир сен ким сен билан яқин бўлса, Мен унга яқин бўлишимга, ким сендан узиладиган бўлса, Мен ундан узилишимга рози бўлмайсанми?”, дейди”. (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти. “Тафсири Куртубий”дан).
Ояти карима аввалида Оллоҳтаоло бандаларини уч нарсага - адолатга, эҳсонга ва қариндош-уруғлар ҳаққини адо этишга буюриши айтилганидан кейин, оят давомида У Зот бандаларини уч нарсадан қайтариши зикр қилинади. У нарсалар - бузуқлик, ёмонлик ва зулмдир. Демак, жамийки бузуқ сўз ва амаллар, шариат ҳам, ақл ҳам инкор қиладиган жамийки ёмон ишлар ва бировларга жабр-зулм қилишнинг барча турлари Оллоҳ таоло наздида ҳаромдир. Бас, мўмин инсон бу иллатлардан олис бўлиши керак. Акс ҳолда у Оллоҳ таолодан узоқлашаверади. (Оллоҳ асрасин).
Ояти карима ниҳоясида Ҳақ таоло: “У Зот шояд эслатма-ибрат оларсизлар, деб сизларга ваъз-иршод қилгур”, дейди ва бу жумла билан Қуръони Азимдаги барча оятлар, жумладан ушбу ояти карима ҳам сизларга фақат ўқиб-эшитиб билиб қўйишларингиз учун эмас, балки улардан эслатма-ибрат олиб, Яратганнинг Амр-Фармонларига амал қилишингиз учун ва У Зот қайтарган нарсалардан олис бўлишингиз учун айтилмоқда, деб таъкидлайди.
Ибни Ҳишомнинг “Сийрат” китобида ривоят қилинишича, ушбу ояти карима саноқли сўзларда Дини Ислом наздида нима яхши-ю, нима ёмон эканлигини тўла ифода қилиб бериши билан ҳамда Қуръон одамларга нима учун нозил қилинганини аниқ баён қилиб бериши билан ҳатто Исломни қабул қилмаган кимсалар томонидан ҳам эътироф этилиб, “бу башар сўзи эмас”, дейишларига сабаб бўлгандир: Усмон ибн Мазъун розиял-лоҳу анҳу айтади: “Аввал бошда мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ҳаё қилганим учун у зотнинг даъватларига рад жавоби беролмай Исломни қабул қилган эдим. Қачонки мен Пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларида турган чоғимда у зотга мана шу ояти карима нозил бўлиб, мен уни эшитганимдан сўнггина иймон қалбимдан мустаҳкам ўрин олди. Кейин мен бу оятни Валид ибн Муғийрага ўқиб берганимда, у: “Эй оғамнинг ўғли, қайта ўқигин” деди. Мен қайтадан ўқидим. Шунда Валид: “Нақадар тотли бу Сўз, нақадар нафис. Унинг илдизи мунча сернам, шохлари мунча сермева. Худо ҳаққи, бу башарнинг сўзи эмас!”, деди”. (“Ал-Жомеъли аҳкомил-Куръон”ва “Маолимут-танзийл”тафсирларидан).
91. Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Оллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Қасамларингизни (Оллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Ахир сизлар устингизда Оллоҳни кафил қилдингиз. Албатта, Оллоҳ қилаётган ишларингизни билур.
Ушбу ва қуйидаги оятда Ҳақ таоло мусулмонларни сўз одами бўлишга, яъни, албатта айтган сўзларининг ва қилган аҳд-паймонларининг устидан чиқадиган, аҳдига вафодор кишилар бўлишга буюради. Аслида бу оятларнинг мавзуйи юқоридаги ояти каримада буюрилган адлу инсоф мавзуйининг бир мисолидир. Чунки Шариати Исломийяга мувофиқ бўлган ҳар бир ишда Оллоҳ таолога аҳд-паймон бериб, сўнгра Унинг Номи билан қасам ичгандан кейин ўша аҳдга вафо қилинса, ичилган қасам бузилмаса, албатта бу иш одамлар орасида адолат қарор топишига сабаб бўлади.
Ибн Жарир Табарий ўз тафсирида: “Ушбу оят Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган байъат - қасамёд ҳақида нозил бўлган. Ислом Динини қабул қилган кишилар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга байъат - қасамёд қилиб, Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат ва Унинг Расу-лига итоат қилиш ҳақида аҳд-паймон берар эдилар. Бас, Оллоҳ таоло: “Оллоҳга берган мана шу аҳдингизга вафо қилингиз! Муҳаммад алайҳис-салом тарафдорлари бўлган мусулмонларнинг саноғи озлиги, мушрикларнинг саноғи кўплиги берган аҳд-паймонларингизни бузишларингизга сабаб бўлмасин, деб буюради”, дейди”. (“Жомиул-баён” тафсиридан).
Мужоҳид, Қатода ва Ибн Зайд эса: “Ояти каримада сўз жоҳилият замонида содир бўлган бир аҳд-паймон ҳақида боради, сўнгра Дини Ислом келиб, у аҳдни маҳкам ушлашга буюрган эди”, дейдилар.
Воқеа бундай бўлган эди: Қурайш қабилалари ораларидаги энг олий насаб кишилардан бўлган Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида тўпланишиб, агар улар Маккада маккалик ёки четдан келган биронта мазлумни топадиган бўлсалар, албатта токи ундан зулмни дафъ қилиб, адолат қарор топгунича унинг ёнида туриб ҳимоя қилишга аҳд-паймон қиладилар ва бу битимни “Ҳилф ал-фузул”, яъни “Фазилатлар битими”, деб номлайдилар. Сўнгра Дини Ислом келиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон нозил бўла бошлагач, Ҳақ таоло қурайшликларга ўша жоҳилият замонида қилган аҳд-паймонларини эслатиб, ушбу оятни туширади.
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўша воқеага ишора қилиб: “Исломда қасам ичиш йўқ. Аммо жоҳилийятда қандай қасам ичилган бўлса, Ислом уни янада қаттиқ - мустаҳкам қилиб кўйди (яъни, жоҳилийят замонида бирон яхши ишни қилиш учун албатта қасам ичишга муҳтож бўлган бўлсалар, Ислом Динида ундай қасамларга ҳеч қандай ҳожат йўқ, Исломни маҳкам ушлаган ҳар бир мусулмон яхши ишларни ҳеч қандай қасамсиз ҳам аввалгилардан яхшироқ суратда адо қилаверади)”, дедилар. (Муслим, Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривоят қилганлар).
Яна бир ҳадиси муборакларида Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам ўша қурайш қабилалари қилган аҳд-паймонни эслаб: “Дарҳақиқат, мен Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида шундай бир аҳд-паймонга гувоҳ бўлган эдимки, ўша битим ўрнига менда қип-қизил туялар (яъни, сон-саноқсиз бойлик) бўлишини хоҳламайман, агар Исломда мени яна ана ўшандай битимга чақирилса, албатта хўп деб жавоб берган бўлар эдим!” деб марҳамат қилган эдилар. (“Тафсири Куртубий”дан).
Ўрганаётганимиз оят ва ҳадислар мазмунидан маълум бўладики, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ҳам, Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, мўмин-мусулмонларни ҳар вақт Оллоҳ рози бўладиган бирон иш устида аҳд-паймон қилсалар, албатта аҳдга вафо қилишга ва, хусусан, адолат қарор топиши учун, зулм-зўравонликка қарши тузиладиган ҳар қандай битимга доимо тайёр бўлишга даъват қиладилар. Қуйидаги ҳадислар ҳам шу мазмундадир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Биродарингга, у золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бергин”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, мазлум бўлсаку, албатта ёрдам берамиз. Аммо золим бўлса қандай ёрдам берамиз?” дейишган эди, айтдилар: “Уни бировларга зулм қилишдан тўсасан. Ана шу унга қилинган ёрдамдир”. (“Саҳиҳи Бухорий”).
Яна дедилар: “Аниқки, одамлар зулм қилаётган кимсани кўрган вақтларида унинг қўлларидан ушламасалар, (яъни, зулм қилишдан тўсмасалар), Оллоҳ таоло Ўз ҳузуридан уларнинг ҳаммаларига азоб юбориши яқиндир”.
92. Ва сизлар бир жамоат бошқа бир жамоатдан (сон ё бойлик жиҳатидан) ортиқроқ бўлгани учун аҳд-паймонларингизни (ўзларингиз аҳдлашган кишиларга нисбатан) алдов воситаси қилишингиз билан (яъни, бошқа бойроқ ва кучлироқ қавмни топсангиз, аввалги қавм билан қилган аҳд-паймонларингиздан кечиб кетаверишингиз билан) худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг бўлак-бўлак қилиб бузиб-чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз! Албатта Оллоҳ бу (аҳдга вафо қилишга буюриш) билан сизларни имтиҳон қилур ва албатта Қиёмат Кунида сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизни баён қилиб берур.
Маккада бир телба хотин бор эди. У кун бўйи турли нарсаларни тўқир, кечга бориб эса тўқиган нарсаларини бузиб-чуваб ташлар эди. Мазкур оятда биров билан аҳдлашиб, сўнгра аҳдларини бузиб қасамхўрлик қиладиган кимсаларни ўша телба аёлга ташбеҳ қилинмоқда.
Мужоҳид айтади: “Ушбу оят айрим араб қабилалари ҳақида нозил бўлгандир. Улардан бир қабила бошқаси билан аҳд-паймон қилиб ўзаро битим тузганларидан кейин у икки қабиладан бири яна бошқа сон жиҳатидан катта ва кучли қабилага бориб, улар билан танишиб-чиқишиб қоладиган бўлсалар, ҳеч иккиланмай аввалги қабила билан тузган битимларини бузиб, кейинги қабилага қўшилиб кетаверар эдилар”. (“Тафсири Куртубий”дан).
Ояти карима инсонларни бундай разолатдан - ваъдага вафосизлик ва аҳдга хиёнат қилишдан, бировларни алдаш учун аҳдбозлик қилишдан кескин қайтарди ва бу ақлли инсонлар қиладиган иш эмаслигини таъкидлади.
Аҳдга вафодорлик энг улуғ инсоний фазилатлардан экани ҳақида салафи солиҳлардан кўп ҳикматли сўзлар қолган. Улардан бирида шундай дейилади: “Агар сизлар бирон кимсага каромат берилганини, ҳатто у сув устида юра олишини ва ҳавода қанотсиз учишини эшитсангизлар ҳам, токи унинг Оллоҳ таоло белгилаган чегарада туришини, берган аҳдига вафо қилишини ва Шариат аҳкомларига тўла риоя қилишини текшириб билмагунларингизгача унга алданиб қолманглар!”
Бир донишманддан сўралди: “Мен мусулмон ҳолда ўлишим учун қандай амаллар қилишим керак?”. У деди: “Сенинг Оллоҳ таоло билан бўладиган муомаланг тўла итоат бўлсин, халқ билан доимо беилинж, холис муомалада бўлгин, нафсинг билан доимо мухолафатда бўлгин, шайтон билан доимо адоватда бўлгин, зиммангдаги аҳд-паймонга бир умр вафо қилгин, шунда сен мусулмон ҳолда яшаган бўласан ва мусулмон ҳолда вафот қиласан”. (“Танвийрул-азҳон” тафсиридан).
93. Агар Оллоҳ хоҳлаганида, албатта сизларни бир уммат қилган бўлур эди. Лекин У Зот Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур, Ўзи хоҳлаган кишиларни (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилур. Ва албатта сизлар қилиб ўтган амалларингиз тўғрисида масъул бўлурсизлар!
Яъни, агар Оллоҳ таоло хоҳлаганида эди, барча инсонларни бир Ислом уммати қилиб қўйган бўлар ва улар ўз ихтиёрлари билан фақат Ислом Динини танлаган бўлар эдилар. У ҳолда одамлар ўртасида ҳеч қандай диний низолар ҳам бўлмас эди. Лекин Оллоҳ таолога ҳамма одамлар ҳам Унинг Раҳматига лойиқ эмасликлари аниқ маълум бўлгани сабабли барчани Ҳақ Динига ҳидоят қилмади. Шунинг учун одамлар тинмай ихтилоф қиладилар, турли-туман динларга бўлинадилар. Бир тоифа одамлар Оллоҳ таолонинг Раҳмати билан У Зот юборган элчиларга иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юрсалар, бошқалари улар билан тинмасдан талашиб-тортишиб, охир-оқибат дўзах азобига гирифтор бўладилар. Оллоҳ таоло одамларни шунинг учун, яъни, айримлари Оллоҳнинг Раҳматига эришиб, дунё ва Охиратда бахтли-саодатли бўлишлари учун, айримлари эса, Ҳақ Йўлга юрмай умр бўйи талашиб-тортишиб, оқибатда дўзахи бўлишлари учун яратгандир. Шундай қилиб, Ҳақ таолонинг: “Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман”, деган Сўзи тўла қарор топди.
Ашҳаб айтади: “Мен Молик бин Анас раҳимаҳуллоҳдан ушбу оят мазмуни ҳақида сўраганимда у: “Оллоҳ таоло одамларни улардан бир гуруҳи жаннатда, бир гуруҳи дўзахда бўлиши учун яратгани ҳақида хабар берди”, деди”.
Бас, бирон кишини йўлдан оздириш ёки Ҳақ Йўлга ҳидоят қилиш ҳеч қайси пайғамбарнинг кўлидан келмайди - бу тенгсиз Қудрат ва Ҳикмат Соҳиби бўлмиш Оллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ ишдир. Фақат Унинг Ўзигина Ўзининг етук Ҳикмати билан ким дўзах азобига лойиқ эканини билади ва у кимсани Тўғри Йўлдан оздириб қўяди, шунингдек, кимнинг жаннатга мустаҳиқ эканини ҳам аниқ билади ва у инсонни Ҳақ Йўлга ҳидоят қилади. Ҳеч ким Унинг хоҳишига қарши бора олмайди.
“Ва, албатта, сизлар қилиб ўтган амалларингиз тўғрисида масъул бўлурсизлар!”.
Яъни, сизлар қилиб ўтган барча амалларингиз, жумладан, берган аҳд-паймонларингизга вафо қилганларингиз ёки уни бузганларингиз тўғрисида ҳам Қиёмат Кунида, Оллоҳтаоло ҳузурида, албатта, жавоб берурсизлар!
94. Сизлар аҳд-паймонларингизни - қасамларингизни ўрталарингизда алдов воситаси қилиб олмангиз! У ҳолда (Ислом Йўлида) маҳкам ўрнашган оёқ тойиб кетур ва Оллоҳ Йўлидан тўсганларингиз сабабли (чунки сизларнинг қасамхўрлик қилганингизни кўриб, айрим кишилар Исломга интилиш ўрнига ундан йироқлашиб кетурлар ва бунга сизларнинг қилмишингиз сабаб бўлур) ёмонлик (бало ва мусибатлар)ни тотиб қолурсизлар ҳамда (Охиратда) сизлар учун улуғ азоб бўлур.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло яна бир карра мўминларни ёлғон қасам ичишдан қайтаради ва бировлар билан аҳд-паймон қилганларида уларни алдаш учун аҳд-паймон қилмасликка, Оллоҳ Номи билан аҳд-паймон қилганларидан кейин эса, уни бузмасликка чақиради. Агар улар ўртада Оллоҳ таолони кафил қилиб тузган аҳд-паймонларини бузадиган бўлсалар, у ҳолда уларнинг иймонда устивор турган оёқлари тойилиб, бу дунёда хорзор, Охиратда эса, қаттиқ азобга гирифтор бўлишлари аниқ эканини айтиб қаттиқ огоҳлантиради ва Оллоҳ Номи билан қасамёд қилиб тузилган битимни бузиш одамларни Оллоҳнинг Йўлидан тўсиш эканини уқтиради. Оллоҳнинг Йўлидан тўсган кимсалар эса, ҳар икки дунёда бахтсиз бўлишлари аниқдир.
Уламолар ояти каримада сўз Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилишлари ва У Зотга бирон нарсани ширк келтирмасликлари ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга байъат - қасамёд қилиб, сўнгра мушрик-кофирларнинг саноғи кўплигидан ҳайиққанлари учун Исломдан қайтиб муртад бўлган кимсалар ҳақида боради. Ана шундай муртадлар бошқаларга ҳам Ҳақ Диндан қайтишни ўргатганлари учун Одамларни Оллоҳнинг Йўлидан тўсган ҳисобланадилар, дейдилар.
Дарвоқе, одамларни бу тариқа йўлдан уриш Оллоҳ таолонинг ғазабига учраган яҳудларнинг ҳунарларидан эди. Бу ҳақда Ол-и Имрон сурасида хабар берилган: “Аҳли Китобдан бир тоифаси (бир-бирларига шундай) дейишди: «Мўминларга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) куннинг бошида иймон келтириб, куннинг охирида яна куфрга қайтинглар. Шояд улар ҳам (иймонларидан) қайтсалар”. (Ол-и Имрон сураси, 72-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, яҳудлар бир-бирларига: “Келинглар, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага эрталаб иймон келтирган бўламиз-да, кечки пайт уни инкор қилиб кофир бўламиз. Ажабмас, шу ишимиз билан мусулмонларда ўз динларига шубҳа уйғотсак ва улар ҳам бизга эргашиб динларидан қайтиб кетсалар”, дейишиб, эрта тонгда ўзларини Исломга кириб мусулмон бўлган қилиб кўрсатишиб, мусулмонлар билан бирга бомдод намозини ҳам ўқишди. Кечки пайтга борганда эса диндан чиққанларини эълон қилишди. Уларнинг мақсадлари: мана шу макр-ҳийлаларига учиб, мусулмонлар орасидан бирон жоҳил-нодон кимса уларга эргашиб муртад бўлиб кетса-ю, кейин улар: “Мана, мусулмонларнинг Дини хато дин бўлгани учун фалончи Исломдан қайтди”, деб оламга жар солиш, бошқа мусулмонларни ҳам шу тариқа Ҳақ Диндан чиқариш эди.
95. Ва Оллоҳга берилган аҳд-паймонни озгина қийматга алмаштириб юбормангиз! Агар билсангизлар, албатта, Оллоҳ даргоҳидаги нарса (яъни, ажр-савоб) сизлар учун (дунё матоларидан) яхшироқдир.
Яъни, эй мўминлар, сизлар доимо Оллоҳга берган аҳдингизга вафодор бўлингиз ва ҳаргиз бировлар билан Оллоҳ таолонинг Исмини ўртага қўйиб тузган аҳд-паймонларингизни озгина фойдани кўзлаб бузмангиз ва арзимас ҳаёти дунё матосига эга бўлиш учун Оллоҳ Исмини тилга олиб ёлғон қасамлар ичишга одатланмангиз! Ояти кариманинг илкжумласини муфассир уламолар шундай шарҳлайдилар.
Ҳақ таолонинг ушбу Амрига итоат қилмаган кимсалар қандай жазога гирифтор бўлишлари ҳақида мана бу ояти каримада хабар берилгандир: “Албатта Оллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат Кунида Оллоҳ уларга сўз қотмайди, уларга (раҳ-мат назари билан) боқмайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир”. (Ол-и Имрон сураси, 77-оят).
Ушбу ояти карима тафсирини Қуръони Азимнинг Қуръондан кейинги энг гўзал тафсири бўлмиш ҳадиси шарифдан ўрганамиз: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анхудан ривоят қилинди. Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бирон мусулмоннинг молини ўзиники қилиб олиш учун ёлғон қасам ичса, Қиёмат Кунида Оллоҳга рўбарў бўлган-да Оллоҳни ундан ғазабланган ҳолда кўради”. Бу ҳадисни эшитган Ашъас розияллоху анҳу: “Оллоҳга қасам, бу сўз мен ҳақимдадир. Бир яҳудий билан ўртамизда талаш бўлган ер бор эди. У ердан менга тегишли қисмини беришдан бош тортди. Мен бу масъалани Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларига ҳавола қилдим. У зот мендан: “Ер сеники экани тўғрисида бирон хужжатинг борми?” деб сўраган эдилар, мен: “Йўқ”, деб жавоб қилдим. Шунда яҳудийга қараб: “Шу ер сеники эканига қасам ич”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, у қасам ичадиган бўлса, менинг ерим унга ўтиб кетиб қолади-ку”, дедим. Мана шунда ушбу оят нозил бўлди”.
Адий ибн Умайра Киндий розияллоҳу анҳу айтди: “Кинда қабиласидан бир киши, исми Имруул-Қайс ибн Омир эди, Ҳазрамавтлик бир киши билан ер талашиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига боришди. Ҳазрамавтликдан ҳужжат талаб қилдилар. Унинг ҳужжати йўқ экани маълум бўлгач, Имруул-Қайсдан ер уники эканига қасам ичишини талаб қилдилар, қасам ичгач, ерни Имруул-Қайсга ҳукм қилдилар. Шунда ҳазрамавтлик: “Ё Расулуллоҳ, қасам ичиши билан унга ҳукм қилиб бердингиз-ку? Каъбанинг Роббига қасам, менинг ерим унга ўтиб кетди”, деган эди, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бировнинг молини ўзиники қилиб олиш учун ёлғон қасам ичса, Қиёмат Кунида Оллоҳга рўбарў бўлганида Оллоҳни ундан ғазабланган ҳолда кўради”, дедилар ва мазкур оятни тиловат қилдилар. Бу оят ва ҳадисни эшитган Имруул-Қайс: “Ё Расулуллоҳ, мана шу ерни олмаган одамга нима бўлади”, деб сўраган эди, “Жаннат” деб жавоб бердилар. Шунда Имруул-Қайс: “Гувоҳ бўлинг, мен бу ерни тўласича унга бердим”, деди”.
Бухорий Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Бир киши сотадиган нарсасини бозорга олиб чиқади ва мусулмонлардан бирини чув туширмоқчи бўлиб, мана шу нарса учун бермаган пулини айтиб, “мен бу молни фалон пулга сотиб олганман”, деб Оллоҳ Номига ёлғон қасам ичганида мазкур ояти карима нозил бўлган.
Муслим Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ёлғон қасам билан бир мусулмоннинг ҳаққини тортиб олса, Оллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади ва унга дўзахни вожиб қилади”, дедилар. “Агар озгина нарса бўлса ҳам-а, ё Расулуллоҳ”, деб сўрашган эди, “Агар янтоқнинг бир бутоғи бўлса ҳам”, дедилар ва бу сўзларини уч бор такрорладилар.
Бухорий Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилди. Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам айтдилар: “Уч тоифа одамга Қиёмат Кунида Оллоҳ (уларни хурсанд қиладиган) сўз қотмайди, уларга (раҳмат назари билан) боқмайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир. Улардан бири бирон мусулмоннинг моли устида қасам ичиб, уни тортиб олган кимса, яна бири аср намозидан кейин, сотадиган нарсасини олган нархидан кўпроқ ггулга олганман, деб ёлғон қасам ичган кимса ва яна бири молининг фазлини - ортиқчасини, яна бир ривоятда ортиқча сувини бировга бермаган кимса - Оллоҳ таоло унга Қиёмат Кунида айтур: “Бугун Мен ҳам сенга қилмаган амалларингнинг фазлини бермасман (яъни, қилган амалларингдан ташқари сенга Мен томондан ҳеч қандай Фазл-Марҳамат бўлмас)”.
“Агар билсангизлар, албатта, Оллоҳ даргоҳидаги нарса сизлар учун (дунё матоларидан) яхшироқдир”.
96. Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Оллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз албатта (мушрикларнинг азийят-ларига ва Дин Йўлидаги машаққатларга, жумладан, фақир-мискинлик ва берилган аҳд-паймонга вафо қилиш машаққатларига) сабр-қаноат этган зотларни улар қилиб ўтган энг чиройли амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз.
Юқоридаги оятда Оллоҳ таоло даргоҳидаги нарсалар ҳаёти дунёнинг матоларидан яхшироқ экани айтилгач, ушбу ояти каримада Оллоҳ таоло даргоҳидаги нарса яхшироқлигининг далили баён қилинди: дунёнинг ўзи ҳам, ундаги бор нарсалар ҳам ўткинчи ва замон ўтиши билан йўқ бўлиб кетгувчидир. Аммо Охират диёридаги Оллоҳ таоло мўмин солиҳ бандаларига ажр-мукофот қилиб тайёрлаб қўйган жаннат ва ундаги кўз кўриб қулоқ эшитмаган неъматлар эса, боқий ва туганмасдир. Бас, ҳар бир оқил инсон, агар у чиндан ҳам оқил бўлса, ўткинчи матони эмас, мангу боқий бўлган неъматни танлаши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам буюрилгандир: Ҳоким “Мустадрак” китобида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Ким дунёсини севса, Охиратига зиён қилур, ким Охиратини севса, дунёсига зиён қилур. Бас, сизлар, эй мусулмонлар, йўқ бўладиган нарсани қўйиб, боқий қоладиган нарсани танланглар”. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).
Ояти карима давомида Ҳақ таоло сабр қилган кишиларга, яъни, Дини Ислом йўлидаги ҳар қандай меҳнат-машаққатларни сабр-тоқат билан енгиб ўтган, динсиз кимсаларнинг алдовларига учмаган, дағдағаларидан қўрқмаган бандаларига кўрсатган ана ўша сабр-матонатлари учун албатта улар қилиб ўтган энг чиройли амаллари сабабли бериладиган ажр-мукофотлар билан мукофотлашни, йўл қўйган хато ва камчиликларини эса, мағфират қилиб юборишни ваъда қилади. Қуйидаги ояти карима сўнггида ушбу Илоҳий Ваъда яна бир бор таъкидланади -
97. Эркакми ё аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган энг чиройли амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз.
Ояти каримани ўқиб-англаган киши Муқаддас Динимиз ҳақида ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган ўта муҳим маълумотларга эга бўлади: Биринчидан, Ҳақ таоло Шариат аҳкомларига амал қилишни эркаг-у аёл барча бандаларига буюрди ва амал қилган барча эркаг-у аёлга баробар ажр беришни ваъда қилди. Иккинчидан, фақат мўмин ҳолда қилинган амал мақбул бўлиши, демак, динсиз-иймонсиз кимсалар қандай яхши ишларни қилмасинлар, ҳаммаси беҳуда, ҳабата кетиши баён этилди.
Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам аниқ айтилган: “(Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз”. (Фурқон сураси, 23-оят).
Исломий ақидага кўра Ёлғиз Оллоҳга иймон келтирмасдан туриб қилинган ёки Ягона Оллоҳни кўзламасдан хўжакўрсинга қилинган ҳар қандай яхши амал ҳам худди ҳавода учиб юрган чанг-тўзон каби фойдасиздир. Шу боисдан бут-санамлар йўлида қилинган ёки яхши ном чиқариш учун риёкорлик билан қилинган «савоб иш»ларнинг эгалари учун Қиёмат Кунида бирон ажру мукофот бўлмас.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобининг мусаннифи шайх Мустафо Мансурий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ояти карима иймон билан солиҳ амал бошқа-бошқа нарсалар эканига далолат қилади. Чунки Оллоҳтаоло солиҳ амалнинг ажр-мукофотга сабаб бўлиши учун иймонни шарт қилиб кўйди. Маълумки, бир нарсага ўша нарсанинг ўзи шарт қилинмайди, балки нарса ва унинг шарти бошқа-бошқа нарсалар бўлади”.
Учинчидан, ояти карима матнидан аниқ маълум бўладики, эркакми, аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса (Шариати Исломийя буюрган ҳар бир амал солиҳ амалдир), Оллоҳ таоло унга бу дунёда покиза ҳаёт, Охиратда эса, энг яхши амалларга бериладиган ажр-мукофотлар ато этади. Яъни, у инсон дунёда бахтли ҳаёт кечиради - бой бўлса, шукрона ва бировларга яхшиликлар қилиш билан, камбағал бўлса, сабр-қаноат ва Оллоҳнинг тақсимотига розилик билан, худди рўзадор одам ифтордаги неъматни ва рўза тутиш билан эришадиган ажр-савобни ўйлаб кундузини ором ва шодлик билан ўтказгани каби камбағаллигига сабр қилгани учун Эртага эришадигани Ажри Азимдан умидвор бўлиб яшайди. Динсиз-иймонсиз кимса эса, агар камбағал бўлса, ўзини ўта бахтсиз ҳисоблаб бутунлай умидсизликка тушади, агар бой бўлса, янада очкўзлиги ортиб, топганини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, ором нималигини билмай қолади, демакки бахтсиз кун кечиради.
Ояти карима тафсирида келган мана бу муборак ҳадислар кишининг бахти фақат мол-давлатда эмаслиги ҳақидаги ҳужжатлардир:
Имом Аҳмад Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анхудан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким мусулмон бўлса-ю, унга учма-уч тирикчилик қилишга етгудек ризқ берилса ва Оллоҳ таоло унга ато этган нарсасига қаноатни ҳам берган бўлса, у киши аниқ нажот топибди”.
Термизий ва Насоий ривоят қилишларича, Фазола ибн Убайд розиял-лоҳу анҳу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитган экан: “Кимда-ким Исломга ҳидоят қилинса-ю, тирикчилиги учма-уч етгудек бўлиб, ана ўша ризқига қаноат қилса, у киши аниқ нажот топибди”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида дер эдилар: “Оллоҳим, Ўзинг мени берган ризқингга қаноатли қилгин ва у ризқни менга муборак - баракотли қилгин ҳамда устимга ғойибдан келадиган барча нарсаларни мен учун хайрли қилгин”. (“Тафсири Мунийр”дан).
98. (Эй мўмин бандам), ҳар қачон Куръон қироат қилсанг, аввало Оллоҳдан (Унинг даргоҳидан) қувилган - малъун шайтон (васвасаси) дан паноҳ беришини сўрагин!
Яъни, қачон сен Оллоҳнинг Каломини ўқимоқчи бўлсанг, аввало Оллоҳ таолога илтижо қилиб, Унинг даргоҳидан қувилган малъун шайтондан паноҳ беришини сўрагин, чунки Қуръон энг Буюк Китоб бўлиб, у Китобни тиловат қилиб маъноларини англаган инсоннинг қалби нурга тўлади ва бошқа ҳеч бир китобдан топа олмайдиган жуда кўп илм-маърифатга эга бўлади. Шунинг учун малъун шайтон Қуръон ўқиётган кишининг қалбига васваса солиб, уни адаштиришга, ўқиётган оятлар маъносини англашдан чалғитишга қаттиқ ҳаракат қилади. Бас, унинг васвасаларидан саломат бўлишнинг йўли Каломуллоҳни ўқимоқчи бўлган инсон Оллоҳ таолога илтижо қилиб, шайтоннинг шарридан паноҳ сўрашидир. Қай тарзда, қандай сўзлар билан паноҳ сўрашни биз Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Ибн Масъуд айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида Қуръон ўқиганимда “Аузу биллаҳис-Самийъил-Алийми минаш-шайтонир-рожийм (яъни, мен Эшитгувчи-Билгувчи Оллоҳга илтижо қилиб, қувилган малъун шайтондан паноҳ беришини сўрайман)”, деган эдим, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам : “Аувзу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм”, деб айтгин, Жаброил алайҳис-салом мени Лавҳул-Маҳфуздан мана шундай ўқитган”, дедилар”. (“Ал-Муқтатаф мин уюувнит-тафосийр” китобидан).
Малъун шайтон нафақат оддий инсонларнинг - гуноҳкор бандаларнинг қалбига васваса солишга ҳаракат қилиши, балки Оллоҳ таолонинг элчи - пайғамбарларини, ҳатто элчилар саййиди Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳам адаштиришга уриниши ҳақида мана бу оятларда хабар берилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салаом), Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир элчи ва пайғамбар борки, қачон (улардан биронтаси ўзига нозил бўлган оятларни) қироат қилса шайтон унинг қироатига (асли оятдан бўлмаган нарсаларни) ташлагандир. Бас, Оллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани бекор қилур, сўнгра Оллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Оллоҳ Билгувчи ва Ҳикмат Эгасидир. (Оллоҳ) шайтон ташлайдиган нарсани дилларида мараз бўлган (мунофиқлар) ва тошдил кимсалар (яъни, кофирлар)га фитна-синов қилиш учун (пайдо қилур). - Дарҳақиқат, золим-кофирлар мангу ихтилофдадирлар. - Ва илм ато этилган кишилар у (Қуръон) Парвардигорингиз томонидан келган Ҳақиқат эканини билиб, унга иймон келти-ришлари, бас, диллари у сабабли таскин топиши учун (Оллоҳ шундай қилур). Дарҳақиқат, Оллоҳ иймон келтирган зотларни Тўғри Йўлга Ҳидоят қилгувчидир. (Ҳаж сураси, 52-54-оятлар).
Ривоят қилинишича, юқоридаги уч оятнинг нозил бўлишига ушбу воқеа сабаб бўлган экан: Бир куни Пайғамбар алайҳис-салом Қуръон сураларидан «Ван-нажми»ни қироат қилаётганларида шайтон васвасаси би-лан адашиб, Қуръонда бўлмаган сўзларни ҳам кўшиб юборадилар. Бундан шу ерда ҳозир бўлган мунофиқ ва кофирлар шодланиб хурсанд бўлишади. Лекин Оллоҳ таоло дарҳол Ўз пайғамбарини бу хатодан огоҳ қилади ва мазкур оятларни нозил қилиб, бу иш беҳуда бўлмаганини, балки мунофиқ ва кофирларни яна бир бор синаш ҳамда мўминларнинг иймонларини янада зиёда қилиш учун бўлганини уқтиради.
99-100. Албатта, иймон келтирган ва Ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқдир. Унинг (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб, (Оллоҳ)га шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир.
Ушбу оятларнинг энг яхши тафсири Ҳижр сурасида келган мана бу оятлардир: “(Иблис) айтди: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта мен уларга (Одам болаларига) Ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги (куфру ширкдан) халос қилинган покиза бандаларинггина (Ҳақ Йўлдан озмай қолурлар). (Оллоҳ) деди: «Мана бу Менинг зиммамдаги Тўғри Йўлдир: аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган адашган кимсаларнигина (бу Тўғри Йўлдан оздира олурсан)”. (Ҳижр сураси 41-42-оятлар).
Ушбу оятларда Ҳақ таоло, иблис алайҳил-лаънанинг айтган сўзларига жавобан, Ўзи бандалари учун Ўз зиммасига олишни ихтиёр қилган Тўғри Йўлни баён қилади ва чин ихлос билан Ёлғиз Оллоҳга қуллик қиламан деган бирон бандасини иблиснинг қўлига бериб қўймаслигини, яъни, ҳеч қачон иблис уларга хукмрон бўлиб Тўғри Йўлдан оздира олмаслигини, магар ўз ихтиёри билан унга эргашган адашган кимсаларгина шайтоннинг куллари бўлиб қолишларини таъкидлайди.
101. Қачон Биз бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак -ҳолбуки, Оллоҳ Ўзи нозил қиладиган оятларни яхшироқ Билгувчидир - улар (Пайғамбар алайҳис-саломга): «Шак-шубҳасиз, сен ўзинг тўқиб олурсан», дейдилар! Йўқ, уларнинг кўплари билмайдилар!
Ояти каримада зикр қилинган бир оят ўрнига бошқа бир оят алмаштирилиши кейинроқ, Мадинайи мунавварада нозил қилинган бошқа бир ояти каримада оятнинг насх қилиниши деган ибора билан келган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар) Биз бирон оятни насх - бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқарсак, албатта ундан яхшироғини ёки ўшанинг мислини келтирамиз. Оллоҳ ҳар нарсага Қодир Зот эканини билмадингизми?” (Бақара сураси, 106-оят).
Ушбу ояти каримада “насх” ҳақида сўз боради. Насх сўзининг икки луғавий маъноси бор. Биринчиси насх - нусха кўчирмоқ, мансух - кўчирилган деганидирки, бу маънода Қуръони Азим тўла ҳолда мансухдир. Чунки у Оллоҳ таоло ҳузуридаги Лавҳул-Маҳфуздан, яъни, барча китоб-ларнинг онаси - асли бўлган, Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч ким ўзгартира олмайдиган Лавҳдан кўчирилгандир. Насхнинг иккинчи луғавий маъноси - ўчирмоқ, бекор қилмоқ дегани бўлиб, бу маънода Қуръоннинг айрим оятлари носих - ўчирувчи, айрим оятлари мансух - ўчирилган бўлиши мумкиндир. Мазкур ояти каримада насх шу маънода келган. Насхнинг - ўчиришнинг бир қанча суратлари бор. Улардан бири, насх қилинган оят Қуръонда тураверади, аммо унинг хукми мансух бўлади. Масалан, қарин-дошларга васият қилиш ҳақидаги, эри ўлган аёл бир йил идда сақлаши ҳақидаги, жангда бир мусулмон ўн кофирга қарши туриши ҳақидаги оятлар Қуръони Каримда бор, аммо уларнинг хукми насх қилинган.
Насхнинг суратларидан яна бири, мансух бўлган оятнинг лафзи Қуръондан ўчирилади, яъни, у оят тиловат қилинмайди, аммо ҳукми боқий қолади. Масалан, оилали эркак ёки аёл зино қилса уларни тошбўрон қилиниши ҳақидаги оятнинг лафзи Қуръонда бўлган, сўнгра насх қилинган - ўчирилган, аммо маъноси - ҳукми ўчирилган эмас.
Насхнинг суратларидан яна бири, мансух бўлган оят Қуръон сахифаларидан ҳам, қалблардан ҳам ўчириб юборилишдир. Бунинг мисоли Абу Уммома Ибн Саҳл Ибн Ҳанифдан ривоят қилинган ҳадисдир: Саҳоба розияллоҳу анҳумдан бир жамоат тунда бир сурани ўқимоқчи бўлган эдилар, унинг бир калимаси ҳам эсларига келмай, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”дан кейин тўхтаб қолавердилар. Улар ҳайратга тушиб, эрталаб Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига боришди ва бу ҳақда у зотга хабар беришди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўша сурани тиловати ҳам, ҳукми ҳам кўтарилган - насх қилинган”, дедилар.
Демак, лафзи Қуръонда боқий қолиб, ҳукми насх қилинган мансух оятларнинг ўрнига кейин нозил қилинган носих - аввалги оятнинг ҳукмини бекор қилувчи бўлган оятлар ҳукмига амал қилинади. Масалан, намозда Қуддусга юзланиб туриш хукми бекор қилиниб, унинг ўрнига Каъбага юзланиш буюрилган; вафот қилишдан олдин қариндошларга васият қилиш ҳукми мансух бўлиб, унинг ўрнига мерос ояти нозил бўлган; эри ўлган аёл бир йил идда сақлаши ҳақидаги ҳукмни эса тўрт ой ўн кун идда сақлаш лозимлиги ҳақидаги оят насх қилган; урушда ҳар бир мусулмон ўн кофирга қарши туриши ҳақидаги оят ҳукмини кейин нозил бўлган бир мусулмон душманлардан иккитасига қарши туриши тўғрисидаги оят насх қилган. Яна билишимиз лозимки, насх хабарларда эмас, фақат амр-наҳийларда бўлади. Яъни, мусулмонлар адо қилишлари ёки тарк қилишлари буюрилган иш-амаллар ҳақидаги айрим оятлар насх қилинган бўлиши мумкин, аммо Қуръони Каримда келган ўтмиш ёки келажак ҳақида берилган хабарлар ҳеч қачон насх қилинмайди, ўзгармайди. Демак, Қуръоннинг Эгаси Ёлғиз Ўзи биладиган Ҳикмат сабабли Ўз Каломидаги айрим оятларни бошқа оятлар билан насх қилиши, ўзгартириши мумкин ва бу, агар таъбир жоиз бўлса, табиб беморларига ўзининг билим, тажрибасига таяниб муносиб дорини буюриши ҳамда зарур бўлган пайтда беморга ёқадими, йўқми сўрамасдан унинг ўрнига бошқа бир дорини тавсия этишига ўхшаган гапдир. Энди Алим ва Ҳаким бўлган Табиби Ҳозиқимиз Жаноби Ҳақ Ўз бандаларига шифо қилиб туширган Китобидаги оятларини қандай тасарруф қилиши ҳам Ёлғиз Унинг хоҳиши билан бўладики, бунга бирон банданинг аралашиш ёки эътироз билдириш хукуқи йўқдир. Балки Яратган нимага буюрса яралганлар комил иймон ва чин ихлос билан адо қилиш вазифамиздир.
Аммо мушрик - кофирлар Қуръондаги бирон оят насх қилинадиган бўлса дарҳол: “Муҳаммад асҳобини бир ишга буюриб, сўнгра ўзи у ишдан қайтаради ва бошқа ишга буюради. Демак, Қуръонни Муҳаммад ўзи тўқияпти”, деган сафсаталарни тарқатадилар.
Оят сўнггидаги “Йўқ, уларнинг кўплари билмайдилар”, деган жумласи билан Ҳақ таоло динсиз кимсаларнинг Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида бундай ножоиз сўзларни айтишларига сабаб, уларнинг ҳар бир иш, жумладан, Қуръон оятларини қандай тасарруф қилиш, қайси оятни қолдириб, қайси оятни ўзгартириш ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг ихтиёридаги иш эканини билмаганлари эканлигини баён қилади.
102. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ўша билмайдиган кимсаларга Қуръонни) Руҳул-Кудус (яъни, Жаброил) Парвардигорингиз тарафи-дан иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун, мусулмонларга Ҳидоят ва Хушхабар қилиб ҳаққи-рост нозил қилганини айтинг.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ўша билмайдиган кимсаларга Қуръондаги бир сўз ҳам Сизники эмаслигини, балки у Азиз Китобнинг ҳар бир сура, оят ва калимасини Руҳул-Қудус - башарият нуқсон ва хато-ларидан пок Муқаддас Руҳ, яъни, Жаброил алайҳис-салом Оллоҳ таоло хузуридан Сизга ҳаққи-рост олиб тушганини, яъни, у ҳам Қуръонга ўз томонидан бирон сўз қўшмаганини айтинг! Демак, Қуръондаги ҳар бир калима Ҳақ таоло томонидан нозил қилинган Ҳақиқатдир.
Жаноби Ҳақ Ўз Китобини Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга йиллар давомида бўлиб-бўлиб тушурганининг (оятдаги “назза-ла” калимаси бўлиб-бўлиб тушириш маъносини англатади), айрим оятларни такрор-такрор нозил қилганининг, айрим оятларни эса алмаштириб - насх қилганининг ҳикмати, мўминларнинг устларига турли ҳолларда ва турли йилларда келаётган турли воқеа-ҳодисаларга ўша оннинг ўзида Тўғри Жавобни нозил қилиб, уларни иймонларида собитқадам бўлишларини таъминлашдир, ҳаётларининг ҳар бир жабҳасида уларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилишдир ва мусулмонларга, модомики улар бутун умрлари давомида чин иймон билан Шариати Исломийя аҳкомларига амал қилар эканлар, албатта, Оллоҳ таолонинг Раҳматига эришиб, жаннатларга киришлари ҳақида хушхабар беришдир.
103. Аниқки, Биз уларнинг «(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда», деяётганларини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (яъни, арабий эмас), ушбу (Қуръон) эса, очиқ-равшан арабийдир.
Саҳобалардан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: Маккада Қурайш қабиласига мансуб кишилардан бирининг ажам кули бор эди. Пайғамбар алайҳис-салом баъзан у билан гаплашиб, унга Ислом аҳкомларидан таълим берар эдилар. Буни кўрган айрим қурайшликлар: «Муҳаммадга Қуръонни мана шу қул ўргатса керак», деб гап тарқатганларида юқоридаги оят нозил бўлди. (Ибн Жарир Табарийнинг “Жомиул-баён”тафсиридан).
“Маолимут-танзил” тафсирида ривоят қилинишича, ўша қул Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатларидан таъсирланиб, Оллоҳ таолонинг ҳидояти билан Дини Исломни қабул қилган ва тақволи мусулмонлардан бўлган. Мана шу ҳужжатнинг ўзи ҳам мушрикларнинг даъволари ботил эканини кўрсатади.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Каломи бўлмиш Қуръони Азимни очиқ-равшан араб тилида эканини айтади, яъни Қуръоннинг тубсиз теран мазмунидан ташқари тенгсиз гўзал тили ҳам ушбу Китоб инсон айтган сўз эмаслигини очиқ кўрсатиб туришини ҳужжат қилиб келтиради. Дарҳақиқат, Қуръон лафзининг бетакрор жозибаси, назмининг беқиёс гўзаллиги, ҳар бир сўзидаги фасоҳат, ҳар бир жумласидаги балоғат, унинг тиловатидан ҳосил бўладиган тенгсиз ҳаловат - Қуръон лафзига оид бўлган мазкур фазилатларнинг барчаси ушбу Азиз Китобнинг беназир Илоҳий Мўъжиза эканига равшан далилдир.
104. Албатта, Оллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларни Оллоҳ ҳидоят қилмас. Улар учун аламли азоб бордир.
Яъни, Тўғри Йўлга ҳидоят топиш фақат ва фақат Оллоҳ таоло нозил қилган Китобга иймон келтириш билан бўлади. Аммо Оллоҳ таолонинг оятларига кофир бўлган, у оятларни етказган Пайғамбарни ёлғончи деган динсиз кимсаларни эса, Ҳақ таоло Тўғри Йўлга ҳидоят қилмайди. Чунки улар ўз қилмишлари ва айтган сўзлари билан нажотга, Оллоҳнинг Раҳматига нолойиқ эканликларини исботладилар.
Бас, улар ҳаёти дунёдаги умрларини турли-туман ботил йўлларда адашиб-улоқиб, ҳавойи нафслари нимани истаса, бўйсуниб, ақлсиз ҳайвонлардек, балки улардан ҳам тубан ҳолда ўтказадилар ва динсиз, иймонсиз яшаб ўтганлари учун Охират диёрида албатта жон чидагис аламли азобга гирифтор бўладилар.
105. Ёлғон сўзларни эса, фақат Оллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқурлар. Ана ўшалар ёлғончидирлар.
Ушбу ояти карима мушрикларнинг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилиб: “Қуръонни Муҳаммаднинг Ўзи тўқиб олган”, деганларига Оллоҳ таоло томонидан берилган Илоҳий раддиядир. Ҳақ таоло Ўз Элчисини ҳимоя қилиб, камоли ростгўйликлари сабабли қавмлари томонидан Муҳаммад Амин - Ишончли Муҳаммад деб ном олган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салллам ёлғон сўзлашлари ёки Оллоҳ таоло нозил қилмаган нарсани Оллоҳнинг Сўзи деб айтишлари мутлақо мумкин эмаслигини таъкидлаб, ёлғонни фақат Охират борлигига иймон келтирмаган, айтган ҳар бир сўзи ва қилган ҳар бир иши учун Эртага жазоланишига ишонмаган кофир кимсаларгина тўқишлари, ҳақиқий ёлғончилар ана ўшалар эканлиги ҳақида огоҳлантиради. Демак, Оллоҳга ва Охиратга иймон келтирган мўмин ҳеч қачон одамларни алдамайди, ёлғон сўзламайди.
Доимо ростгўй бўлиш мўминнинг энг асосий сифатларидан биридир. Чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан “Мўмин ёлғон сўзлай-дими (яъни, ёлғон сўзлаши мумкинми)?” деб сўралганида, у зот: “Йўқ, асло”, дедилар ва ушбу ояти каримани ўқидилар. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр”китобидан).
Ростгўйлик бобида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам барча мўминлар учун энг гўзал намунадирлар. Ривоят қилинишича, Рум подшоҳи Ҳирақл Абу Суфёндан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари ҳақида сўраганида Абу Суфён у зотнинг жуда ростгўй эканликларини айтади. Ҳирақл Абу Суфёндан: “Сизлар Муҳаммад ўзига Оллоҳнинг оятлари нозил бўлаётганини айтишидан олдин уни бирон марта ёлғон сўзлаганини биласизларми?” деганида, у: “Йўқ”, деб жавоб берди. Шунда Ҳирақл: “У ҳолда, одамларга ёлғон сўзламаган одам ҳеч қачон Оллоҳ таоло шаънида ёлғон сўзламайди”, деди. (“Тафсири-Мунийр”дан).
106. Ким Оллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, Диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Оллоҳ томонидан ғазаб ва улар учун улуғ азоб бордир.
Муфассирлар айтишларича, бу оят Аммор ибн Ёсир розияллоху анҳу ҳақида нозил бўлган. Мушриклар уни ва отаси Ёсир билан онаси Сумайяни ҳибс қилишиб, Ислом Динидан чиқишни талаб этадилар ва даҳшатли азоблар билан қийнайдилар. Ота-онаси мушрикларнинг талабларини бажаришдан бош тортишгач, у иккисини Амморнинг кўз ўнгида қоринларига найза санчиб ўлдирадилар. Бу мудҳиш ҳолни кўриб турган Аммор ночор-ноилож қолгач, мажбур ҳолда уларнинг бутларидан бирини тилга олганидан кейингина уни қўйиб юборадилар. Шундан одамлар орасида «Аммор диндан чиқди», деган гап тарқаб кетади. У Пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига йиғлаб, айтган сўзларидан изтиробга тушиб келгани-да, Пайғамбар алайҳис-салом: «Қалбинг нима дейди?», деб сўрайдилар. У: «Қалбим фақат иймон билан ором олади», деб жавоб беради. Шунда Пайғамбар алайҳис-салом: «Сенга неча марта мажбурлаб куфр калимасини айтдирсалар ҳам ҳаргиз иймондан ажраб қолмайсан», деганлар. Демак, Шариати Исломиянинг ҳукмига кўра фақат ўз ихтиёри билан куфр йўлини танлаб олган кимсагина кофир бўлади. Ана ўшалар Оллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўладилар ва улар учун Охиратда энг қаттиқ азоб-уқубатлар бордир.
Аммо золим-кофирлар зўравонлик билан мажбурлаб мўмин инсонга куфр калимасини айттирадиган бўлсалар, бу унинг иймонига зиён етказа олмайди.
Ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган мазкур воқеалар билан танишган ҳар бир мусулмон илк мусулмонлар бўлмиш саҳобайи киромлар (Оллоҳ барчаларидан рози бўлгай), ҳаётларини гаровга қўйиб Дини Исломни қабул қилганларидан хабардор бўлади,уулуғларнингҳақларига дуолар қилади, қаҳрамонликларидан ибрат олади ва ўзини ундай оғир синовлардан халос қилгани учун Яратганга ҳамд-санолар айтади.
Қуйидаги оятларда Ҳақ таоло Дини Исломни қабул қилмаган ёки Ҳақ Диндан қайтиб муртад бўлган кимсалар Оллоҳнинг бундай азоб ва ғазабига гирифтор бўлишлари сабабини баён қилади -
107. Бунга (яъни, Ҳақ Диндан қайтиб муртад бўлган кимсаларнинг азоб-уқубатларга дучор бўлишларига) сабаб, улар ҳаёти дунёни Охиратдан афзал билдилар. Оллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас. (Бас, улар кофир бўлганлари сабабли Ҳақ Йўлни топа олмай ўлиб кетурлар).
Яъни, уларнинг бундай жазога - Оллоҳ таоло томонидан бўладиган ғазаб ва мангу азобга гирифтор қилинишларига сабаб, улар бениҳоя оғир жиноят қилдилар. Жиноятлари шуки, улар Оллоҳ таолонинг Сўзига ишонмадилар, Унинг Элчисини ёлғончи қилдилар. Гарчи Оллоҳ таоло Ўз Каломида ҳаёти дунёнинг ўткинчилиги ҳақида, у фақат бандаларни синаб улардан қай бирлари яхшироқ амал қилишларини имтиҳон қилиш учун берилгани, ҳали олдинда Охират ҳаёти борлиги, у диёрда ҳаёти дунёдан иймон билан солиҳ амаллар қилиб ўтган мўминлар учун Оллоҳнинг Рахмати - мангу жаннатлар борлиги, кофирлар учун эса, қилмишларига яраша мангу дўзах азоби борлиги тўғрисида такрор-такрор айтган бўлса-да, улар Оллоҳ таолонинг оятларига иймон келтирмадилар - ўткинчи дунёни мангу Охиратдан афзал билдилар, куфрни иймондан устун қўйдилар ва оқибат-натижада Оллоҳ таолонинг ғазабига ва буюк азобга мустаҳиқ бўлдилар. Чунки Оллоҳтаоло Ўз ихтиёрлари билан куфрни танлаган бадбахт кимсаларни иймоннинг Ҳақ Йўлига ҳидоят қилмайди. Улар нафақат Охиратда, балки ҳаёти дунёда ҳам бахтсиз кимсалардир. Чунки -
108. Ана ўшалар Оллоҳ дилларини, қулоқларини ва кўзларини муҳрлаб қўйган кимсалардир. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир.
Бас, улар бутун умрларини муҳрланган - қулфланган қалб билан, ҳеч қандай панд насиҳатни англамасдан - қабул қилмасдан, қулоқлари том битгани сабабли Оллоҳнинг Каломини эшитмасдан - қулоқ солмасдан, кўнгил кўзлари кўр бўлгани сабабли Оллоҳ таолонинг мўъжизаларини кўрмасдан - Ҳақ Йўлни залолатдан ажрата олмасдан қоп-қоронғу ғафлатда ўтказадиган ҳақиқий ғафлат бандаларидир.
Бундай ғафлат бандалари ҳақида бошқа бир оятда ҳам айтиб-огоҳлантирилган: “Қасамки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бор-у англамайдилар, кўзлари бор-у кўрмайдилар, қулоқлари бор-у эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир”. (Аъроф сураси, 179-оят).
Яъни, уларнинг қалблари бор, аммо у қалблар қаттиқ ва касал - бузуқ бўлгани сабабли Ҳақиқатни англамайдилар, Ҳақ сўзни тушунмайдилар, барча яхшиликлар Оллоҳ таоло буюрган ишларда ва барча ёмонликлар Оллоҳ таоло қайтарган ишларда эканини билмайдилар. Уларнинг қарашлари ўта юзаки. “Улар Охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар”. (Рум сураси, 7-оят). Улар савоб ҳақида ўйламайдилар, азобдан қўрқмайдилар.
Демак, улар ақлли мавжудот бўлган ҳолларида ақлсиз махлуқот каби яшайдилар.
Уларнинг кўзлари бор, аммо кўрган нарсаларидан ибрат олмайдилар, Оллоҳ таолонинг оятларига ибрат кўзи билан назар солмайдилар - Ҳак Йўлни кўрмайдилар.
Уларнинг қулоқлари ҳам бор, аммо улар бехуда-ёлғон-кераксиз-фойдасиз сўзларни жон кулоқлари билан эшитганлари ҳолда ўзлари учун энг керакли - нажотбахш Сўзни - Оллоҳ ва Расулининг Сўзини эшитмайдилар, яъни, эшитишни истамайдилар ёки эшитсалар ҳам, эшитмагандек яшайдилар. Демак, бундай кимсаларнинг ақлсиз - бор ғами фақат ейиш, ичиш ва шаҳвоний нафсини қондириш бўлган ҳайвонлардан ҳеч қандай фарқлари йўқдир, балки улар Тўғри Йўлни топа олмасликда ўша чорва ҳайвонларидан ҳам бадтарроқдирлар. Чунки чорва ҳайвонлари ўз эгаларига бўйсунадилар, улар эса ўз Эгаларига - Яратган Парвардигорлари бўлмиш Оллоҳ таолога бўйинсун-майдилар, чорва ҳайвонлари ўзлари учун фойдали ишни қилиб, зарарли ишлардан узоқ бўладилар, улар эса ўзлари учун дунё ва Охиратда фақат фойда келтирадиган Ҳақ Йўлга юриш ўрнига қайсарлик ва жоҳиллик билан ўзлари учун ҳар икки дунёда фақат зиён келтирадиган куфр - залолат йўлларида адашиб-улоқиб юраверадилар.
Бас, ҳақиқий ғофил-нодон ва ақлсиз махлуқлар чорва ҳайвонлари эмас, балки ана ўша динсиз кимсалардирки, бу ғафлатлари билан улар албатта жаннат роҳатларига эмас, жаҳаннам азоб-уқубатига лойиқдирлар.
109. Шак-шубҳа йўқки, улар Охиратда зиён кўргувчилардир.
Яъни, ҳаёти дунёда муртад-кофир бўлган кимсалар Оллоҳнинг ғазабига лойиқ бўлганлари сабабли; аламли азобга мустаҳиқ бўлганлари сабабли; ҳаёти дунёни Охиратдан афзал билганлари сабабли; Оллоҳ таолонинг Ҳидоятидан маҳрум бўлганлари сабабли, Оллоҳ таоло уларнинг қалбларини, қулоқларини, кўзларини муҳрлаб қўйгани ва дунёдан ғафлатда ўтганлари сабабли, яъни, бутун умрларини дунёга қуллик қилиш билан ўтказиб, Охират сармояси бўлган иймон неъматидан ажраб қолганлари сабабли Охират диёрида зиён кўргувчилар - жаҳаннам ўтида мангу куйиб ёнгувчилар ана ўшалар эканлигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир.
110. Сўнгра (эй Муҳаммад алайҳис-салом, билингки), албатта Парвардигорингиз, (Макка мушриклари томонидан азобланиш, куфрга мажбур қилиниш билан) фитналарга дучор этилганларидан кейин (Маккайи мукаррамадан Мадинайи мунавварага) ҳижрат қилган, сўнг (Оллоҳ Йўлида) жиҳод қилиб, (бу жиҳод машаққатларига) сабр-тоқат қилган зотларни ўша (фитна ва ғафлатларидан) кейин ҳам албатта Парвардигорингиз Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир.
“Маолимут-танзил”да зикр қилинишича, ушбу ояти карима Абу Жаҳлнинг кўкалдош укаси бўлган Иёш ибн Абу Рабийъа, Абу Жандал ибн Суҳайл, Валийд ибн Валийд ибн Муғийра, Салама ибн Ҳишом ва Абдуллоҳ ибн Усайд Сақфий каби саҳобийлар ҳақида нозил бўлган. Улар Макка мушриклари томонидан қийноқларга дучор бўлиб куфрга мажбур қилинганларида улардан қутулиш учун тил учида куфр калимасини айтган, аммо кейин Маккадан қочиб чиқиб Мадинайи мунавварага ҳижрат қилган ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга мушрик-кофирларга қарши жиҳодларда қатнашиб қаҳрамонликлар кўрсатган эдилар. Ояти каримада Ҳақ таоло уларнинг аввал йўл қўйган хатоларини мағфират қилиб Ўз Раҳматига олгани ҳақида хабар беради.
Ҳасани Басрий ва Икримадан ривоят қилинишича эса, ушбу оят Абдуллоҳ ибн Саъд Абу Сарҳ ҳақида нозил бўлгандир. У киши Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга мирзолик қилар эди. Сўнг уни шайтон йўлдан оздириб, кофирларга қўшилиб кетади. Бас, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ қилинган кунда уни қатл қилишга буюрганларида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳис-саломдан Абдуллоҳни Ўзининг ҳимоясига олишига ижозат беришларини сўрайди. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам ижозат берадилар. Шундан кейин Абдуллоҳ Исломни қабул қилиб, энг яхши мусулмонлар қаторидан ўрин олади. (“Тафсири Бағавий”дан).
Гарчи ушбу оят нозил қилинишига мазкур воқеалар сабаб бўлган эсада, ояти кариманинг ҳукми умумий бўлиб, бу умидбахш оятида Ҳақ таоло агар бандалари ҳаётларининг аввалида хато йўлда бўлсалар ҳам, ҳатто Ҳақ Диндан қайтиб муртад бўлишдек бениҳоя мудҳиш жиноятни қилган бўлсалар ҳам, кейин сидқидилдан тавба қилиб, иймон келтирсалар ва шундан кейин то умрларининг сўнгги нафасигача Исломда барқарор бўлиб, жидду жаҳд билан солиҳ амаллар қилсалар, албатта Қиёмат Кунида уларнинг гуноҳларини мағфират қилиб, Ўз Раҳматига олиши ҳақида хабар беради.
111. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ҳар бир жон ўзини ҳимоя қилиб талашиб-тортишадиган ва ҳар бир жон қилган амалининг (жазо-мукофотини) бекаму-кўст оладиган, уларга зулм қилинмайдиган Кунни (яъни, Қиёматни эсланг)!
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга ва у зоти бобаракот воситаларида ҳар бир мусулмонга хитоб қилиб, яна бир бор Қиёмат Куни даҳшатларини, у Кунда ҳар ким фақат ўзи билан, ўзини оқлаш билан овора бўлиб, бошқа биров ҳақида ўйлашга ҳам мажол топа олмай қолишини ва ҳар бир жон ҳаёти дунёда қилиб ўтган ҳар бир иши учун бекаму-кўст жазо ёки мукофот олишини эслатади.
Қуртубий ва Бағавий тафсирларида ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Каъбул-аҳбор розияллоҳу анҳуга: “Бизни бир огоҳлантириб, кўзимизни очиб қўйгин”, деган эди, Каъб: “Эй амийрал-мўминийн, жоним Қўлида бўлган Зотга қасам билан айтаманки, агар Сиз Қиёмат Кунига етмиш пайгамбар қилган амалича яхши амаллар билан етиб борсангиз-да, устингизга шундай соатлар келадики, ўз жонингиздан ўзга ҳеч нарсани ўйлай олмай қоласиз - жаҳаннам шундай бир оҳ чекадики, бирон малаки муқарраб (Оллоҳ таолонинг яқин фариштаси) қолмай, танланган бирон элчи-пайғамбар қолмай ҳаммаси қўрқувдан тиз чўкиб қоладилар, ҳатто Халилур-Раҳмон Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом ҳам: “Ё Роббий, мен Халилинг Иброҳимман, Сендан Ўзимдан бошқани сўрамайман (яъни, менинг ўзимни жаҳаннамга киришдан қутқарсанг бас)”, деб қолади”, деди. Умар розияллоху анҳу: “Эй Каъб, бу сўзларингнинг тасдиқини Оллоҳнинг Китобидаги қайси оятдан топа оласан?” деган эди, у айтди: “Сўзимнинг тасдиқи Оллоҳ таолонинг мана бу Сўзидир: “Ҳар бир жон ўзини ҳимоя қилиб қоладиган ва ҳар бир жон қилган амалининг (мукофотини) тўла оладиган, уларга зулм қилинмайдиган Кунни (яъни, Қиёматни эсланг)!”.
Ибн Атийя айтади: “Оятнинг зоҳиридан англашиладики, у Кунда ҳар бир жон - мўмин ҳам, кофир ҳам, ўзини химоя қилиш учун талашиб-тортишади. Қачон кофирлар ёлғон-яшиқ сўзлар билан ўзларининг кофирликларидан тониб талашиб-тортишсалар, уларнинг баданларидаги аъзолари, элчи-пайғамбарлар ва яна бошқа уларнинг куфру исёнларига гувоҳ бўлган барча жонли-жонсиз нарсалар уларга қарши гувоҳлик берадилар. Шундан кейин улар бирон сўз айта олмай қоладилар.
“Бу (Кун) улар сўзлай олмайдиган ва улар учун узр айтишларига ҳам изн берилмайдиган Кундир!”. (Вал-мурсалот сураси, 35-36-оятлар), (“Ал-Муҳаррарул-важийз”тафсиридан).
Ояти карима тафсирида “Маолимут-танзил” ва “Ал-Жомеъ лиаҳко-мил-Қуръон” китобларида Икрима томонидан ибн Аббос розияллоҳу анҳумога нисбат берилиб ажиб ибратли ривоят келтирилади: “Қиёмат Кунида одамлар ўртасидаги талашиб-тортишиш тинмайди. Ҳатто жон билан жасад ҳам талашиб-тортишадилар. Жон айтади: “Роббим, мен Сен Ўзинг яратган жонман. Мени яратганингда то мана шу жасад ичига киргунимча менинг тутадиган қўлим ҳам, юрадиган оёғим ҳам, кўрадиган кўзим ҳам, эшитадиган қулоғим ҳам, ўйлаб хулоса чиқарадиган ақлим ҳам йўқ эди. Бас, жасадга азобларни икки баробар қилиб бергин ва менга Ўзинг нажот бергин”. Жоннинг бу сўзларини эшитиб жасад тилга киради: “Роббим, Сени мени Ўз Қўлинг билан яратганингда мен бир ёғоч каби эдим. Тутадиган қўлим ҳам, юрадиган оёғим ҳам, кўрадиган кўзим ҳам, эшитадиган кулоғим ҳам йўқ эди. Мана шу жон худди нур ёруғлиги каби ичимга кирди-ю, тилим сўзлай бошлади, кўзим кўра бошлади, оёғим юра бошлади, ҳатто кулоғим ҳам мана шу жон ичимга кириб олганидан кейин эшита бошлади. Бас, унга барча азобларни икки баробар қилиб бергин ва менга Ўзинг нажот бергин”. Шунда Оллоҳ таоло у иккисига бир масал келтиради: “Кўр билан чўлоқ мевали бир боғга ўғирликка тушдилар. Аммо кўр қайси шоҳца мева борлигини кўра олмайди, чўлоқ эса, кўриб турсада, унга ета олмайди. Бас, чўлоқ кўрга нидо қилиб: “Кел, сен мени кўтариб олгин, шунда мен ўзим ҳам еб, сенга ҳам едираман”, деган эди, кўр келиб чўлоқни кўтариб олди ва ҳар иккиси бировнинг боғидаги мевадан едилар. Бас, у иккисидан қай бири жазоланади? Албатта, ҳар иккиси. Сизлар ҳам ҳар иккингиз азобга мустаҳиқдирсизлар”.
112. Оллоҳ бир шаҳарни (яъни, Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Оллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Оллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «ҳунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик либосини - балосини тотдириб қўйди.
Ояти каримада Ҳақ таоло томонидан мисол қилиб келтирилган шаҳар, аксари муфассир уламолар айтишларича, Маккайи мукаррамадир. Дарҳақиқат Оллоҳ таоло томонидан ушбу шаҳар аҳлига беқиёс тинчлик-омонлик, хотиржамлик ва ҳамма жиҳатдан мўл-кўлчилик ато этилган эди. Сўнгра Жаноби Ҳақ бу шаҳарга яна бир Буюк Неъматни инъом этганида - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламни мана шу шаҳар аҳлидан танлаб, Ўзининг сўнгги Элчиси қилиб юборганида, Макка мушриклари шукр қилиш ўрнига бу Буюк Неъматга кофир бўлдилар - куфрони неъмат қилдилар, Пайғамбар алайҳис-салом келтирган Тўғри Йўлга юриш ўрнига у зотга жуда кўп озор-азийятлар етказдилар”. “Улар (яъни, Қурайш кофирлари: «Эй Муҳаммад), агар бизлар сен билан бирга Тўғри Йўлга эргашсак, ўз еримиздан ажралурмиз (яъни, бошқа араблар бизларга душман бўлиб қолиб, ўз юртимиздан қувиб чиқарурлар)», дедилар. Ахир Биз уларга тинч-осойишта Хдрамни макон қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг мева-ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқу рўз бўлган ҳолда ўша жойга йиғилади-ку! Лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар”. (Қасас сураси, 57-оят).
Дарҳақиқат, у жоҳил кимсалар кимнинг шарофатидан бу шаҳарга тинчлик-омонлик-хотиржамлик каби маънавий неъматлар ва ҳамма нарсанинг тўкин-сочинлиги, хайр-баракотлар каби моддий неъматлар ато этилганини билмаганлари учун ҳам мана шундай куфрони неъмат қилдилар, бас, Оллоҳ таоло бу ношукур бандаларни Ўзининг неъматларидан маҳрум қилди - Макка маълум муддат энг нотинч шаҳарга айланди, чор-атрофдан оқиб келаётган ризқ-рўз таққа-тақ тўхтади, етти йил мобайнида маккаликлар шундай очарчиликка мубтало бўлдиларки, ҳатто ҳаром ўлган ҳайвонларни еб кун кўришга мажбур бўлдилар. Ояти каримадаги “очарчилик ва нотинчлик либоси” ибораси бениҳоя ўринли ва ибратли бир ташбеҳ-ўхшатишдир. Ҳақиқатан ҳам, аҳолиси очарчиликка мубтало бўлган, хавфу хатар гирдобига айланган шаҳарга кирган одам бирон кимсадан сўрамасданоқ у шаҳарнинг “либоси”га - қуриб-қақшаб ётган боғ-роғларига ва тақир чўлга айланган дала-тузларига қараб, харобага айланган бўм-бўш уй-жойларини кўриб, унинг қандай бало-офатга мубтало бўлганини англаб етади. Ёки нотинчлик ва очликка мубтало одамнинг ҳақиқий аҳволини устига кийган кийимидан кўра бошқа бир “либоси” - озиб-тўзиб кетган жисми-жони, нотинч ва оч кўзлари ҳамда бўздай оқариб-кўкарган юзи аниқроқ ифодалаб беради. Ахир бекорга “ранг кўр, ҳол сўр”, демайдилар-ку.
Мазкур тарихий воқеа Оллоҳ таоло куфрони неъмат қилган ва Ҳақ Йўлга юришдан бош тортган қавмни нафақат Охиратда, балки мана шу дунёнинг ўзида ҳам турли бало ва офатлар билан жазолаши муқаррар эканлигига равшан бир далилдир. Шунингдек, ояти каримада Макка мисол қилиб келтирилиши ҳам албатта, беҳикмат эмасдир, Ҳақ таоло Ўзининг Байти - Каъбатуллоҳ ва Масжидул-Ҳаром жойлашган шаҳар аҳли устига улар Ҳақ Йўлга юрмаганлари, Ҳақ Пайғамбарга иймон келтирмаганлари учун хавфу хатар, нотинчлик, қаҳатчилик ва очарчилик балосини туширганини эслатиш билан, демак, Ер юзининг бошқа тарафларида ҳам агар қай бир қавм томонидан мана шундай нонкўрлик, куфрони неъмат содир бўлар экан, у қавм устига ҳам хавфу хатар, нотинчлилик, қаҳатчилик ва очарчилик каби бало офатлар тушиши аниқ эканлиги ҳақида огоҳлантиради.
113. Дарҳақиқат, уларга ўзларидан бўлган бир Элчи (яъни, Ҳазрати Муҳаммад алайҳис-салом) келганида уни ёлғончи қилишгач, улар-ни золим бўлган ҳолларида (Оллоҳнинг) азоби ушлади.
Ояти карима мазмунан юқоридаги оятнинг давоми бўлиб, бу ўринда Макка мушриклари қилган энг катта нонкўрлик нимадан иборат эканлиги очиқ баён қилинади - мушриклар уларга келган Элчини - ўз қавмларидан бўлган, ўзлари жуда яхши танийдиган, насл-насаби ким эканлиги бобокалонларигача аниқ бўлган, хулқ-атвори ҳам ҳаммага маълум бўлган, камоли ҳалол-пок ва ростгўй бўлгани сабабли ҳатто ўша мушрикларнинг ўзлари ҳам “Муҳаммад Амин - Ишончли Муҳаммад” деб атайдиган зотни Оллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси қилиб сайлаб, энг аввал ўз қавмларини - Макка аҳлини Тўғри Йўлга даъват қилишларини буюрганида ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам маккаликларни Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга буюриб, ширк келтиришнинг оқибати жуда ёмон эканлигидан огоҳлантирганларида, маккаликлар у зотни ёлғончи қилишгани Оллоҳ таоло ато этган неъматга нонкўрлик экани айтилади ва улар ўзлари йўл қўйган мана шу адолатсизлик - зулм сабабли Оллоҳтаолонинг азобига мубтало бўлганлари баён қилинади. Оят мазмунидан маълум бўладики, кимса бошига тушадиган бало-мусибат ва азоб уқубат ўша кимсанинг ўзи қилган қилмишидандир, йўл кўйган ноҳақ ишидандир.
114. Бас, (эй мўминлар), Оллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар ва агар Оллоҳга ибодат этгувчи бўлсангизлар, У Зотнинг неъматларига шукр қилинглар!
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло иймон эгалари бўлган бандаларига - пок Дин бўлмиш Ислом аҳлига пок луқма ейишни буюради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй инсонлар, албатта Оллоҳ таоло Пок Зотдир, бас, фақат пок амалларни қабул қилур. Оллоҳ таоло мўминларга пайғамбарларга буюрган нарсани буюрди. У: “(Юборган барча пайғамбарларимизга шундай дедик): «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта Мен қилаётган амалларингизни Билгувчидирман”. (Мўлшнун сураси, 51-оят), деб буюрган. Мўмин бандаларига ҳам айни буйруқни нозил қилди: “Эй мўминлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол - покларидан енглар”. Сўнгра бир кимсани зикр қилиб айтдилар: “У олис сафарга чиқади, соч-соқоли тўзғиб, чанг-ғуборга кўмилиб, кўзлаган манзилига келади, қўлларини осмонга чўзиб: “Ё Роббий, Ё Роббий”, деб дуолар қилади. Аммо унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромга тўйиб олган. Бас, бундай кимсанинг дуоси қаёқдан ижобат бўлсин?!”
Ояти карима ва ҳадиси шарифдан аён кўриниб турибдики, Ислом Дини мусулмонларни нафақат тоат-ибодат қилишга, балки шу билан бирга қандай яшашга, ҳатто қандай таомланишга ҳам ўргатар экан. Мусулмонларга неча асрлар муқаддам буюрилган ва ҳозиргача амал қилиб келинган, иншооллоҳ, Рўзи Қиёматгача амал қилинадиган бу Илоҳий Фармонни динсиз дунё вакиллари тушунармикинлар? Ўзларини энг илғор, энг тараққий қилган, энг маданиятли деб ҳисоблайдиган, аммо оддий ҳалол-ҳаромни, пок, нопокни ажрата олмайдиган кимсалар маданиятлими ёки ўзининг бутун ҳаётини ҳалоллик, поклик асосига қурган, ҳаромдан, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилган оддий мусулмонми?!
Биз мусулмонлар Ҳақ таоло Ўз элчиларига буюрган Фармонини - фақат ҳалол-пок луқма билан таомланиш Амрини бизларга ҳам буюриш билан шарафлагани учун Яратганга беадад шукроналар айтишга бурчлимиз. Ояти карима сўнгида мана шу шукр эслатилди: “ва агар (чиндан) Оллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар У Зотга шукр қилингиз!”
Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар Соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Еганида ҳам, ичганида ҳам, едириб - тўйдиргани учун, ичириб - қондиргани учун Оллоҳга ҳамд айтадиган бандадан албатта Оллоҳ рози бўлур”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда эса: “Еб-ичиб шукр қилган киши сабрли рўзадор манзилатидадир”, дейилган.
Демак, Оллоҳ таолога берган неъматлари учун шукр қилиш ҳам ибодат экан.
115. Албатта, У (Оллоҳ) сизларга фақатгина ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Оллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим бўлмаган ва ҳаддан ошмаган ҳолида ночор вазийятда қолса (ва шу ҳолда мазкур нарсалардан ўлмагудек миқдорда еса, гуноҳкор бўлмайди). Бас, албатта, Оллоҳ Мағфират қилгувчи, Раҳмлидир.
Юқоридаги оятда мўминлар фақат ҳалол-пок нарсаларни ейишлари мумкин экани айтилганидан кейин, энди Оллоҳ таоло уларга нималарни ҳаром қилгани ва у нарсаларни қандай ҳолатда истеъмол қилиш мумкинлиги баён қилинади. Мана шу, бир қарашда жуда оддий бўлиб кўринган масъалаларда ҳам, агар инсоф кўзи билан қаралса, синчиклаб ўрганилса, Ислом Оллоҳнинг Дини эканига, Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканига очиқ далолатлар бордир. Кейинги асрларда илм-фан тараққий топган сари Қуръоннинг Ҳақлиги янада ойдинлашмоқда ва иншооллоҳ, йиллар ўтиши билан яна ойдинлашаверади.
Масалан, Шариати Исломияда ҳалол қилинган таомлар таркиби текширилганида уларнинг барчаси инсон ҳаёти ва саломатлиги учун керакли ҳамда фойдали ва инсон табиатига мувофиқ экани аён бўлган. Аксинча, Қуръон ҳаром қилган нарсалар текширилганда эса, уларнинг ниҳоят даражада зиёнли ва ҳаёт учун хатарли ҳамда инсоний табиат жирканадиган нарсалар экани маълум бўлган. Энг қизиғи, балки, ибратли томони бу текширишлар аксар ҳолларда ғайридинлар томонидан ўтказилган. Хўш, шундан кейин ҳам Қуръони Карим барча оламларни ва улардаги ҳар бир нарсани яратган Зот томонидан нозил қилинган Китоб экани хусусида шак-шубҳа бўлиши мумкинми?!
Ояти каримада ҳаром қилинган нарсаларни Оллоҳ таолонинг Ўзи ҳаром қилгани таъкид билан айтилишидан бирон нарсани ҳаром қилиш бандалар ихтиёридаги иш эмаслиги, бу Ёлғиз Оллоҳнинг ҳаққи экани аён бўлади.
Оятда зикр қилинган “Ўлакса” сўйилмасдан ҳаром ўлган ҳайвондир. Унинг ҳаром қони чиқиб кетмагани сабабли бутун танаси ҳаром бўлган.
“Қон” эса ҳайвон сўйилганида оқиб чиқиб кетадиган ҳаром қондир. Аммо сўйилганидан кейин ҳам майда қон томирларида қоладиган, оқмайдиган қон ҳаром эмас, бирон нарсага тегса бенамоз қилмайди.
“Тўнғиз гўшти”дан мурод, унинг барча аъзолари бўлиб, унинг ҳатто териси-ю, тукигача барча нарсаси ҳаромдир.
“Оллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсалар” динсиз кофирларнинг ўз бутларига, сохта “худо”ларига атаб сўйган нарсалари, диндорлар орасидаги жоҳил-нодон кимсаларнинг мозорларга, ўзлари пир тутиб олган кимсаларга атаб сўйган нарсалари бўлиб, буларнинг ҳар бири Шариатда ҳаром, табиатда жирканчли нарсалардир. Лекин Шариати Исломия: “Биров ейиш учун мутлақо ҳеч нарса топа олмасдан буткул иложсиз қолганида, ҳаром қилинган нарсалардан бирон нарсани саломат қолиш учун ўлмагудек миқдорда еса, гуноҳкор бўлмайди”, деб рухсат беради.
Ояти каримадаги “Золим бўлмаган ва ҳаддан ошмаган ҳолида” иборасини уламолар турлича тафсир қилганлар. Улардан айримлари: “Ўта ночор ҳолга тушмай туриб, ҳалол ризқ исташ ўрнига ҳаром нарсани еган кимса золимдир, агар ночор ҳолда еса-ю, ўлмагудек даражада емасдан, бемалол қорнини тўйдирса, ундай кимса ҳаддан ошувчидир”, десалар, бошқалари: “Ислом жамоатидан четга чиқувчи золимдир, суннатни тарк қилиб, турли бидъат - хурофотларга берилган кимса ҳаддан ошувчидир”, деб тафсир қиладилар. Бу ўринда ўта муҳим бўлган яна бир тафсир ҳам борки, у назаримизни кўпчилигимиз ғофил бўлган бир жиҳатга буради. Яъни, мусулмонлар учун ўлакса, қон, тўнғиз гўшти кандай ҳаром бўлса, ўғрилик, қароқчилик, бировнинг молини зулм-зўравонлик билан тортиб олиш, судхўрлик, порахўрлик - ҳаммасини бир сўз билан айтиладиган бўлса - бировнинг ҳаққи ҳам шундай ҳаромдир. Демак, дастурхонда турган таом жисман ҳалол бўлса ҳам, яъни Шариат истеъмол қилишга рухсат берган нарса бўлса ҳам, аммо маънан ҳаром бўлса, яъни ҳаром йўл билан топилган пулга келган бўлса, ана ўша нарса ҳам худди ўлаксадек, тўнғиз гўштидек ҳаромдир. Бировнинг ҳаққи ҳам бошқа биров учун фақат бир ҳолатда - ўлмай қолиш учун тишга босадиган бирон нарса топа олмай қолган ҳолида, агар ўшани емаса ҳалок бўлишига кўзи етиб қолган ҳолида ўлмагудек даражада эгасидан сўрамасдан ейиш ва унинг қуввати билан ҳалол ризқ исташ ҳалол бўлади. Аммо шундай музтар ҳолда ҳам ўзи учун вақтинча ҳалол бўлиб турган нарсадан еганидан ташқари, яна керак бўлиб қолади, деб ёнига солиб олиш ҳаромдир.
Қуръоннинг ўлмагудек даражада ейишга рухсат беришининг сабаби шуки, мусулмон Мағфират қилувчи, Раҳмли Зот томонидан то охирги нафасигача ҳаёт учун курашишга буюрилган бўлиб, ўзини ҳалокатга ташлашга ҳаққи йўқдир. Ҳатто Масруқдан шундай ривоят ҳам бор: “Ким ночор ҳолида, очликдан ўлим ёқасига келиб, егулик ҳеч нарса топа олмасдан ўлакса, қон ё тўнғиз гўштини ейишга мажбур бўлиб қолса-ю, аммо емаса ва бунинг оқибатида ўлса, дўзахга киради”.
116. Сизлар Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Оллоҳ буюрмаган хукмларни Оллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Албатта, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар нажот топмаслар.
Мушрикларнинг кирдикорларини фош этгувчи ушбу оятлар мазмунини мана бу ояти карима тафсир қилади: “Улар: «Мана бу ҳайвонларнинг қоринларидаги нарсалар фақат эркакларимиз учундир, хотинларимизга эса ҳаромдир», дедилар. Агар у нарса (яъни, ҳомила) ўлик бўлса, у ҳолда ҳаммалари шерикдирлар (яъни, эркак-хотин ҳаммалари ейиша-веради). Яқинда бундай (ўзларича ҳалол-ҳаром деб) сифатлаганлари учун уларга Ўзи жазо беражак. Албатта, У Ҳикмат ва Билим Соҳибидир”. (Анъом сураси, 139-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, ояти каримадаги ҳайвонлардан мурод - мушриклар ўз бутлари йўлида қурбонлик қилиб, “баҳийра”, “соиба” деб атаб олган туялардир.
“Баҳийра” - бешта туққан туя бўлиб, мушрик араблар унинг қулоғини кесиб, бутларига ҳадя қилишар ва бундай туяни соғишни ҳаром деб ҳисоблашар эди. “Соиба” эса, оғир дардга йўлиққан араблар: “Агар шу дарддан қутулсам туямни тангри йўлига қурбонлик қиламан”, деб қасам ичиб, соғайгач, энди бу туя бутларники, деб кўчага ҳайдаб юборган ва ҳеч ким унинг гўштидан ё ишидан ёки сутидан фойдаланмайдиган туядир.
Оллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган бундай чорва ҳайвонларини ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз ҳаром қилиб олган жоҳил араблар у ҳайвонлар туққан болалари ҳақида ҳам ўзларича “қонунлар” чиқариб, “баҳийра”, “соиба” бўлган туяларнинг туққан бўталоқлари агар тирик туғилса, фақат эркаклар учун ҳалолдир, аммо агар ўлик туғиладиган бўлса, унинг гўштини эркаг-у аёл еса бўлаверади”, дер эдилар.
Ояти карима мазмунидан маълум бўладики, агар инсонлар Ёлғиз Оллоҳ таолонинг ҳаққи бўлган - ҳалол ёки ҳаром деб сифатлаш ҳуқуқига тажовуз қилишиб, Оллоҳнинг Ҳукмини ўрганмай, билмай ва унга амал қилмай, ўзларича “Бу ҳалол, у ҳаром” деб ҳукм чиқараверадиган бўлсалар, яъни, Яратган ҳалол қилган нарсаларни “ҳаром”, деб, У Зот ҳаром қилган нарсаларни “ҳалол” деяверадиган бўлсалар, бир сўз билан айтганда, инсонларни ҳайвонлардан ажратиб турадиган ақл неъматини ўша неъматни ато этган Ҳақ таолони таниб, Унга итоат этиш учун эмас, балки У нозил қилган ҳукмларни бузиш учун ишлатадиган бўлсалар, ундай кимсалар албатта, бу дунёда ақлсиз ҳайвонлардан тубанроқ ҳаёт кечирадилар ва Охиратда ҳам ҳайвонлар кўрмаган азобларга мустаҳиқ бўладилар. Чунки барча нарсани Билгувчи ва ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Зот динсиз кимсалар Унинг Динига туҳмат қилаётганларидан, Унинг ҳукмини ўзгартириб, У ҳаром қилмаган нарсаларни “ҳаром” деяётганларидан Огоҳдир ва албатта уларга қилмишларига яраша жазо берар.
Оятда сўз бутпараст мушриклар ҳақида боради. Лекин фақат улар ҳақидагина эмас. Агар эътибор берсак, Жаноби Ҳақ умумий тарзда, Оллоҳ Шаънига ёлғон тўқийдиганлар нажот топмасликларини таъкидлади. Демак, ояти карима нафақат Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканини тан ол-майдиган мушриклар, балки Оллоҳ таоло айтмаган сўзларни “Бу Оллоҳнинг сўзи”, дейдиган, ёки аксинча, Оллоҳнинг Сўзини эшитиб-билиб туриб яширадиган ёхуд ўзларича Ҳақ Динга бидъат-хурофотларни кўшиб: “Бу ҳам Олоҳнинг динидан”, дейдиган “тўқимачилар” ҳам ҳеч қачон нажот топмасликлари ҳақидаги Илоҳий Огоҳлантиришдир.
117. (Ундай кимсалар учун бу ҳаёти дунёда) озгина фойдаланиш бор. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир.
Бу ҳақда яна бошқа бир оятда ҳам айтилган: “(Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб тоттирурмиз”. (Юнус сураси, 70-оят).
Ояти карима баъзи бировларнинг дилларидан ўтадиган саволга жавобдир. Яъни, агар кимдир: “Мушрикларнинг, Оллоҳ Шаънига турли ёлғонлар тўқийдиган кимсаларнинг нажот топмасликларини қандай тушуниш керак? Ахир уларнинг кўплари ноз-неъматлар ичида, роҳат-фароғатда яшаяптиларку?” дейдиган бўлса, жавоб шудир: “улар фақат мана шу дунёдаги тўрт кунлик ҳаётларида Оллоҳ таоло уларга синов учун берган ноз-неъматлардан фойдаланмоқдалар, холос. Аммо бу кунлар ўткинчидир - кўзларини очиб-юмгунларича тугаб қолади-да, улар ўладилар, сўнгра албатта қайта тириладилар, сўнгра ҳаммалари Бизнинг ҳузуримизга қайтиб тўпланадилар, сўнгра Биз уларга кофир ҳолда яшаб, кофир ҳолда ўлганларининг жазосини бериб, улар ҳеч қачон нажот топа олмайдиган, қутулиб кета олмайдиган қаттиқ азобни - дўзах азобини тотдирурмиз, улар ана ўша азобда мангу қолурлар! Мана шу уларнинг нажот топганларими?! Албатта йўқ! Оллоҳ Шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар асло нажот топмаслар!”.
118. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), яҳудий бўлган кимсаларга илгари Сизга сўзлаб берган нарсаларни ҳаром қилдик. Биз уларга жабр қилмадик, балки улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар.
Ўрганаётганимиз ушбу ояти кариманинг тафсири мана бу ояти каримадир: “Биз яҳудийларга (туя, туякуш, ғоз, ўрдак каби) барча тирноқлиларни ҳаром қилдик. Мол-қўйдан уларга ёғларини ҳаром қилдик. Магар (мол-қўйларнинг) биқинларидаги ё ичларидаги, ёки суякка аралашган ёғларгина (ҳаром эмасдир). Золимликлари сабабли Биз уларни шундай жазоладик. Албатта Биз рост Сўзлагувчимиз”. (Анъом сураси, 146-оят).
Юқоридаги оятда Оллоҳ таоло Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари учун ҳаром қилган нарсалар зикр қилингач, энди ушбу оятда яҳудлар учун нималар ҳаром қилингани айтилади.
Агар эътибор берилса, мусулмонларга нопок, зиёнли нарсалар ҳаром қилинди, аммо яҳудларга эса Ҳақ таоло покиза, фойдали нарсаларни ҳам ҳаром қилди. Яхудлар нима сабабдан покиза неъматлардан маҳрум қилинганлари ҳақида оят давомида шундай дейилади: “Золимликлари сабабли Биз уларни шундай жазоладик”. Демак, уларнинг ҳалол неъматлардан маҳрум миллатга айланиб қолишларига ўзларининг қилмишлари сабаб бўлган экан. Улар қадим-қадимдан ўзларига Ҳақ Йўлни кўрсатиш учун келган пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришлари, одамларни Оллоҳнинг Йўлидан тўсишлари, шунингдек, ана ўша яҳудлар бошлаб берган, бутун дунё тижоратини издан чиқишига сабаб бўлган, қарздор кишиларни синдириб, қулга айлантирадиган судхўрликлари ва бировларнинг молларини алдов ва зўравонлик билан ўзлариники қилиб олишлари каби жиноятлари жазосига Оллоҳ таоло улар учун айрим ҳалол нарсаларни ҳаром қилиб қўйган экан. Бу ҳақда Нисо сурасида айтилади: “Яхудий бўлган кимсаларнинг золимликлари ва кўп кишиларни Оллоҳ Йўлидан тўсганлари сабабли, яна манъ этилган бўлсалар-да, судхўрлик қилганлари ва одамларнинг молларини ноҳақ еганлари сабабли Биз уларга олдин ҳалол қилинган нарсаларни ҳаром қилиб қўйдик. Ва уларнинг орасидаги кофир бўлган кимсалар учун аламли азобни тайёрлаб қўйдик”. (Нисо сураси, 160-161-оятлар).
Яҳудийлар учун илгари Исроил, яъни Яъқуб пайғамбар ўзига ҳаром қилиб олган туя гўшти ва сутидан бошқа ҳамма таомлар ҳалол эди. Кейин ўз пайғамбарларига итоат қилмай зулм-тажовузкорлик йўлларига ўтишгач, улар учун Тавротда кўп нарсалар, жумладан, қўй-молларнинг ёғлари ҳам ҳаром қилинди. Бу ҳақда бошқа суралардаги оятларда яна тафсилот-лар келади.
Ўтмишда яҳудлар жамоаси қачон бир гуноҳни қилсалар, улар учун бир ҳалол нарса ҳаромга айланаверган экан. Аммо улар буни тан олмай: “Мазкур нарсалар асли Иброҳим замонида ҳам ҳаром эди”, деб даъво қилишганида Жаноби Ҳақ бошқа бир оятида яҳудларнинг ёлғончи қавм эканини мана бундай фош қилади: “Таврот туширилишидан илгари Исроил (Яъкуб) ўзига ҳаром қилган нарса (туянинг гўшти билан сути) дан бошқа барча таомлар бани Исроил қавмига ҳалол эди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), «Агар ростгўй бўлсангизлар, Тавротни келтириб ўқиб кўринглар», деб айтинг”. (Оли-Имрон сураси, 93-оят).
Шундан кейин бирорта яҳудий Тавротни олиб келиб, ундан Иброҳим пайғамбарга туя гўшти ҳаром қилингани ҳақидаги оятни топиб бера олмаган.
Ривоят қилинишича, Яъқуб алайҳис-салом оғир касалга мубтало бўлиб, тузалмасдан, касали чўзилиб кетганида, агар Оллоҳ унга мана шу касалидан шифо берса, энг яхши кўрадиган таом ва ичимлигини ўзига ҳаром қилишни назр қилган эди. У энг яхши кўрадиган таом туя гўшти, энг яхши кўрган ичимлиги эса, унинг сути бўлиб, тузалгач, Яъқуб шу икки нарсани ўзига ҳаром қилиб олган эди.
Оят ниҳоясида Ҳақ таоло: “Албатта, Биз рост Сўзлагувчимиз”, деб Ўзиниг Каломидаги ҳар бир Сўз Комил Ҳақиқат эканини таъкидлайди.
119. Сўнгра (билингки), албатта Парвардигорингиз, нодонлик билан ёмонлик - гуноҳ қилиб қўйиб, кейин тавба қилган ва ўзларини тузатган кишилар учун, шак-шубҳасиз ўша (тавба-тазарруъларидан) сўнг Парвардигорингиз (уларни) Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир.
Ушбу ояти каримада Бениҳоя Меҳрибон ва Марҳаматли Парвардигор бандаларининг тавбаларини қабул қилишга ваъда беради. Фақат бунинг учун улар нодонлик билан қилган гуноҳларида оёқ тираб туриб олмасдан, тездан тавба қилишлари, яъни, Оллоҳ таоло буюрган яхши амалларни қилишга қайтишлари шарт эканини таъкидлайди.
Оятдаги “нодонлик билан” иборасини уламолар ўша гуноҳни гуноҳ эканини билмасдан ёки гуноҳлигини билса ҳам унинг жазоси қаттиқ эканини билмасдан қилинган гуноҳ деб тафсир қиладилар, “сўнгра” сўзини эса гуноҳ қилгандан кейин дарҳол тавба қилмасдан умрлари давомида тавба қилишга улгурсалар ҳам тавбалари қабул бўлишига умид бор эканига ишора деб тафсир қиладилар.
Шу мазмунда ҳадиси шариф ҳам ворид бўлгандир: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Оллоҳ таоло банданинг тавбасини то унга ғарғара келгунича қабул қилади”, деб марҳамат қилдилар.
Аммо зоҳирда тавба учун вақт кенг эканига далолат қиладиган бу ҳадиси шариф яна тавбага шошилиш зарур эканини ҳам билдиради - ҳеч ким қачон ўлимга дуч келишини билмайди, бас, тавбага кеч қолмаслик керак.
Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам буюрилган: “Албатта Оллоҳнинг тавбаларни қабул қилиши фақат биронта гуноҳни нодонлик билан қилиб қўйиб, сўнгра тездан тавба қилган кишилар учундир. Оллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур. Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 17-оят).
Ҳақ таоло Каломи қадимида: “Барчаларингиз Оллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар”, деб буюрган. (Нур сураси, 31-оятдан)
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Барча Одам болалари хатокордирлар. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилгувчилардир”, деб марҳамат қилганлар.
Бас, тавба қилмоқ ҳар бир мўминнинг зиммасидаги фарздир.
Бандасининг ожизлиги Яратганга жуда яхши маълумдир. Шунинг учун У бандадан хато қилмасликни талаб қилмайди - у ҳолда ҳамма ҳалок бўлган бўлар эди - балки қилган хато-гуноҳларидан тавба қилиб Оллоҳга, У буюрган Тўғри Йўлга қайтишни буюради.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шайтон: “Қудратингга қасам, ё Роббим, модомики, бандаларингнинг жонлари баданларида экан, уларни иғво қилиб гуноҳга буюришдан ажрамайман”, деганида, Парвардигор деди: “Қудратимга, Буюклигимга, Олий Мақомимга қасам, модомики улар Мендан мағфират сўрар эканлар, Мен ҳам уларни мағфират қилишдан тухтамайман”. Яна Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг шундай марҳаматлари бор: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар гуноҳ қилмаганларингизда, Оллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қиладиган, сўнгра гуноҳларига мағфират сўраб, тавба қиладиган кишиларни келтирган бўлур эди”.
Бу албатта бандаларни гуноҳ қилишга чорлаш эмас, балки Ер юзида гуноҳсиз, хатосиз банда йўқ эканлиги ҳақидаги хабардир.
Демак, инсон на қадар парҳезкор, тақводор бўлмасин, “Менинг гуноҳим йўқ”, дейишга ҳаққи йўқдир. Балки ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи, Яратган олдидаги қарзи - гуноҳ эканини билиб қилган гуноҳларига ҳам, билмай қилган гуноҳларига ҳам мағфират сўраш, тавба қи-лишдир.
120. Албатта, Иброҳим Оллоҳга итоат қилгувчи, Ҳақ Йўлдан тойилмаган бир уммат эди. У мушриклардан эмас эди.
Ушбу ва қуйидаги икки оят “биз отамиз Иброҳимнинг динидамиз”, деб даъво қиладиган мушрик арабларга қарши Илоҳий Раддиядир. Ҳақ таоло Ўзининг Халили ва солиҳ бандаси Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом ҳаётининг бирон лаҳзасида ҳам мушрик бўлмаганини, балки у зотнинг бир ўзида итоат-ибодатли, Тўғри Йўлдан оғмаган бутун бир уммат мужассам бўлганини таъкидлаб пайғамбарлар отаси бўлмиш Иброҳимни шарафлайди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу ояти каримадаги “уммат” калимасини “яхшиликка етакловчи имом-пешво” деб тафсир қилади. Дарҳақиқат, Иброҳим фақат яхшиликни ўргатгувчи эдики, дунё аҳли унга иқтидо қилиб эргашар эди, чунки унда бутун бир умматда жамъ бўладиган барча гўзал хислатлар мужассам эди.
Мужоҳид айтади: “Иброҳим алайҳис-салом ўша замон аҳли орасида ёлғиз мўмин эди, қолган одамларнинг ҳаммаси динсиз кофирлар эди, шунинг учун Ҳақ таоло ёлғиз Иброҳимни Ҳақ Йўлдаги бир уммат, деб атади”.
Қатода айтади: “Дунёдаги барча динларнинг аҳллари Иброҳимни ўзларига дўст тутадилар ва уни яхши кўрадилар. Шунинг учун Оллоҳ таоло уни уммат - имом деб атади”.
Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом ҳеч қачон ҳеч қандай мушриклардан бўлмагани ҳақида Мадинайи мунавварада нозил бўлган бошқа бир оятда ҳам хабар берилади: “Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки Ҳақ Йўлдан тоймаган ҳолида (Оллоҳга) итоат қилгувчи - мусулмон бўлган. У мушриклардан ҳам бўлмаган”. (Ол-и Имрон сураси, 67-оят).
Иброҳим алайҳис-салом хусусида Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг қатъий Ҳукми шу - Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас. Чунки яҳудийлик Иброҳим пайғамбардан минг йил, насронийлик эса уч минг йил кейин пайдо бўлган, Иброҳим ҳаёт даврида Ер юзида яҳудийлик ва насронийликнинг асари ҳам йўқ эди. бас, Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом қандай қилиб яҳудий ёки насроний бўлсин?! Аниқки, у бузуқ ақидалардан юз ўгирган, мушриклардан бўлмаган мусулмон - Оллоҳ таолога бўйсунгувчи инсон эди.
Ояти каримада Иброҳим алайҳис-саломнинг мушриклардан бўлмагани зикр қилиниши билан яҳудлар Узайр алайҳис-саломни Оллоҳга шерик деб билганларига, насронийлар Ийсо алайҳис-саломни Оллоҳга шерик деб билганларига ишора қилинади ҳамда мушрик арабларнинг ўзларини Иброҳим миллатидан деб қилган даъволарини рад этилади.
Шу ўринда огоҳ бўлишимиз лозим бўлган бир жиҳат бор: Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган, дейилганида сўз Мусо ва Ийсо алай-ҳимас-саломга келган ҳақ дин хусусида бормайди, балки Мусо алайҳис-саломга нозил бўлган Тавротни бузган яҳудлар ва Ийсо алайҳис-саломга нозил бўлган Инжилга амал қилмасдан, “Ийсони Оллоҳнинг ўғли”, деб ширк келтирган насронийлар назарда тутилади.
121. У (Оллоҳнинг) неъматларига шукр қилгувчи эди. (Шу сабабдан Оллоҳ) уни (пайғамбарликка) танлаб, Тўғри Йўлга ҳидоят қилди.
Яъни, Иброҳим алайҳис-салом Оллоҳ таоло унга ато этган катта-ю кичик барча неъматларга шукр қилгувчи эдики, Оллоҳ таолога ҳар вақт, ҳар нафасда шукр қилиш итоат-ибодатли, Ҳақ Йўлдан тоймаган умматнинг, яъни Иброҳим алайҳис-саломнингучинчи сифати эди. Шунингучун Ҳақ субҳонаху ва таоло у зотни Ўзига Халил - Дўст тутиб, Оллоҳнинг элчиси деган улуғ мартабага лойиқ қилди ва уни бирдан-бир тўғри йўл бўлмиш Ҳақ Динга ҳидоят қилди.
Агар эсласак, юқорида ўтган оятларнинг бирида кофирлар Оллоҳ таолонинг азоб ва ғазабига гирифтор бўлганларига биринчи сабаб, уларнинг нонкўр - ношукурликлари эканлиги айтилган, яъни, мусулмон инсон ҳеч қачон куфрони неъмат қилмасликка буюрилган эди.
Энди ушбу ояти каримада эса, инсоннинг Тўғри Йўлга ҳидоят топиши учун энг муҳим сабаблардан бири, ато этган барча катта-ю кичик неъматлари учун Оллоҳ таолога шукр қилиш эканлиги уқтирилмоқда. Бу шукроналик нафақат тилда, балки банданинг қилган амалларида ҳам кўриниб туриши лозим. Ривоят қилинишича, Иброҳим алайҳис-саломнинг шукр қилгувчи банда бўлганининг мисолларидан бири, у зот ҳеч қачон меҳмонсиз таомланмас экан. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).
122. Биз унга бу дунёда чиройли (мақом-мартаба) ато этдик (зеро, барча динларнинг аҳллари Иброҳим алайҳис-саломнинг номларини ҳурмат билан тилга оладилар). Албатта, у Охиратда ҳам солиҳ - яқинларимиздандир.
Иброҳим алайҳис-саломга ҳаёти дунёда ато этилган чиройли мақом-мартабанинг мисолларидан бири, ҳар бир мусулмон беш вақт намозида Оллоҳ таолодан Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда у зотнинг аҳли байтларига салавот ва баракот тилаганида Иброҳим алайҳис-салом ва у зотнинг аҳли байтларига ҳам салавот ва баракот тилашидир. Яна бир мисол, дунёдаги барча динларнинг вакиллари Иброҳим алайҳис-саломни яхши кўриб, доим ҳурмат билан тилга олишларидир. Шунингдек, у зотга кексайган чоғида Оллоҳ таоло Исмоил ва Исҳоқ алайҳимас-салом каби солиҳ фарзандлар ато этгани ҳам у зотга мана шу дунёда ато этилган чиройли мақом-мартабалардандир.
“Албатта, у Охиратда ҳам солиҳ - яқинларимиздандир”.
Ушбу жумлада Ҳақ таоло Иброҳим алайҳис-саломнинг ҳаёти дунёда Тўғри Йўлдаги тоат-ибодатли солиҳ бандалардан бўлгани каби Охиратда ҳам ва албатта, жаннатдаги энг юксак манзилларда ҳам солиҳ бандалар билан Оллоҳ таолонинг яна бошқа элчи-пайғамбарлари билан бирга бўлиши аниқ эканлиги ҳақида хабар беради.
123. Сўнгра Биз, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизга Ҳақ Йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг миллатига -Динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик.
Ушбу ояти карима Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломга ҳаёти дунёда ато этилган энг чиройли - улуғ мартаба ҳақида хабар беради. Яъни, Ҳақ субҳонаху ва таоло Ўзининг энг суюкли бандаси, энг улуғ Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга Тўғри Йўлга юришда бобокалонлари Иброҳим алайҳис-саломнинг Дини бўлмиш Ислом Йўлига эргашишни буюриб, яна бир бор Иброҳимнинг ҳеч қачон ҳақ Йўлдан тойилмаганини ва мушриклардан бўлмаганини таъкидлайди. Ҳақ таолонинг ушбу Фармонидан Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-саломга берилган энгулуғ шараф ва каромат, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ақийдада у зотга эргашишлари эканлиги маълум бўлади.
Бу хусусда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Айтинг: «Парвардигорим мени Тўғри Йўлга, Рост Динга - Ҳақ Йўлга мойил бўлган Иброҳимнинг миллатига ҳидоят қилди. У мушриклардан бўлмаган эди”. (Анъом сураси, 161-оят).
“Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз”, дедилар. (Яъни, яхудийлар яхудий бўлинг, деди, насронийлар насроний бўлинг, деди. Айтинг, эй Муҳаммад алайҳис-салом), балки биз Ҳақ Йўлдан тойилмаган Иброҳим миллатига - Динига (эргашамиз). У мушриклардан бўлмаган эди”. (Бақара сураси, 135-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилишича, яҳудлардан Абдуллоҳ ибн Суриё Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга: “Фақат бизнинг йўлимизгина ҳидоят йўлидир. Бас, эй Муҳаммад, сен ҳам бизга эргашгин, ҳидоят топасан”, деганида ва насронийлар ҳам шунга ўхшаш сўзларни айтишганида ушбу оят нозил бўлди. Бу оятда Оллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ўзи мўжаз, лекин етук ва баркамол бир ҳужжатни ўргатди. Буюрдики, Эй Муҳаммад, Сизга ва асҳобингизга “Яхудий бўлинглар, насроний бўлинглар”, деяётган яхуд ва насронийларга: “Яхшиси, бизлар ҳам, сизлар ҳам Оллоҳ рози бўлган, Ўзи буюрган ва Ўзи танлаган Дин, деб тан оладиганимиз - Иброҳимнинг миллатига - динига эргашайлик, биримиз иқрор қиладиган, бошқамиз инкор қиладиган турли-туман динларни тарк этайлик. Бизларни барчамизни мана шу - Ҳақ Йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг дини каби ҳеч нарса бирлаштира олмас”, деб айтинг. Оят сўнгидаги “У мушриклардан бўлмаган эди”, жумласи билан Ҳақ таоло аҳли китобнинг “Биз Иброҳим алайҳис-саломга эргашамиз”, деган даъволарининг пуч эканини таъкидлайди. Чунки яхудлар: “Узайр Оллоҳнинг ўғли”, деб ширк келтирсалар, насронийлар “Масийҳ - Оллоҳнинг ўғли”, деб, ширк келтирар эдилар. Иброҳим алайҳис-салом эса мушриклардан эмас эди. Бас, яҳуд ва насронийларнинг тутган ширк йўллари Иброҳим алайҳис-саломнинг Ҳақ йўлидан бошқа экани шу тариқа маълум бўлди. Дарҳақиқат, Иброҳим алайҳис-салом бут-санамларга сиғинадиган мушриклардан ҳам эмас, яҳудлардан ҳам эмас, насронийлардан ҳам эмас, балки Ҳақ Йўлдан тойилмаган мусулмонлардан эди.
Ушбу ояти карима Ислом Динининг бошқа ҳар қандай диндан афзал экани ҳақида баҳс қилади. Ўртага “Исломдан яхшироқ, баркамолроқ бирон дин борми?” деган катта бир савол қўйилади ва мусулмон инсоннинг уч сифати келтирилади. Биринчидан, мусулмоннинг эътиқоди, ихлоси баркамол - чунки у ўзини Оллоҳга топширган инсон, яъни, у бутун борлиғи билан Оллоҳ таборака ва таолони севади, Унинг қазо ва қадарига тўла таслим бўлади. Иккинчидан, мусулмон инсоннинг қиладиган амал-ибодати чиройли - у гўё Оллоҳни кўриб тургандек, Шариати Исломийя буюрган ҳар бир амални ихлоси том билан бажаради. Учинчидан, мусулмон Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг динига эргашади. Иброҳимни эса, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзига Халил - Дўст тутган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Каъбага юзланиб намоз ўқиш, уни тавоф қилиш, ҳаж маросимлари Иброҳимнинг динидандир”, дейди. Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ана ўша Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-саломнинг дини билан Пайғамбар қилиб юборилдилар ва Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Шариати Исломийяда яна бир қанча ҳукмларни зиёда қилди. Демак, ҳар бир мусулмон Иброҳим соллоллоҳу алайҳи ва саллам миллатининг - динининг давомчисидир.
Маълумки, мушрик араблар ҳам, яҳуд ва насронийлар ҳам “Биз Иброҳим алайҳис-саломнинг авлодларимиз, унинг динидамиз”, деб мақтаниб юрадилар. Қуръони Мажид уларнинг бу даъволари ёлғон эканини таъкидлайди. Чунки мушриклар бут-санамларга сиғиниб: “Мана шу бутларимиз бизни Оллоҳ олдида шафоат қилади”, дейдилар, яҳудлар эса: “Биз пайғамбарлар авлодимиз, ўшалар Охиратда бизни кўллайдилар”, деб Оллоҳдан бошқадан мадад истайдилар, насронийлар бўлса, “Оллоҳ учта” деб ширк келтирадилар. Бас, улар қандай қилиб Иброҳим алайҳис-саломнинг динида бўлсинлар?! Ахир у зот мушрик эмас, балки ҳанийф, яъни Тўғри Йўлдан оғмаган мусулмон эдилар-ку! Шунинг учун ҳам Ҳақ таоло Иброҳимни Халилим деди. Халил сўзи муфассирлар айтишларича, энг яқин дўст деган маънони билдиради.
124. «Шанба» (у кунни улуғлаш) фақатгина у кун ҳақида ихтилоф қилган ким[саларнинг (яъни, яҳудийларнинг) устига (фарз) қилингандир. Албатта Парвардигорингиз Қиёмат Кунида талашиб-тортишган нарсалари тўғрисида уларнинг ўртасида Ўзи ҳукм қилур.
Яҳудийлар: «Муҳаммад Иброҳимнинг Динига қарши чиқди. Иброҳим шанба кунини улуғлар эди, Муҳаммад эса жумъа кунини улуғ кун дейди», дедилар. Шунда шанба кунини улуғлаш Иброҳим алайҳис-саломнинг Динларида бўлмаганини таъкидлаб, ушбу оят нозил бўлди.
Дарҳақиқат, шанба кунини улуғлаш яҳудларга Иброҳим алайҳис-салом замонидан неча асрлар ўтганидан кейин Мусо алайҳис-салом замонида фарз қилингандир. Калбий айтади: “Мусо алайҳис-салом бани Исроил қавмига: “ҳар етти кундан олти кунида ишлаб, касб-корларингизни қилинглар ва бир кунни дам олиб, ибодат билан ўтказинглар. Ўша кун жумъа куни бўлсин”, деб буюрганида, улар: “Биз фақат Оллоҳ Ер-у осмонларни яратиб бўлгач, дам олган кунини, яъни, шанба кунини дам олиш куни бўлишини истаймиз”, деб ўзаро талашиб-тортишдилар. Бас, ўша кун улар учун белгиланди ва зиммаларига қаттиқ талаблар юкланди - ўша талаблардан бири ҳақида бир ояти каримада шундай дейилади: “Яна уларга: “Шанба кунлари (балиқ овлаш билан) ҳаддингиздан ошманг” дедик ҳамда улардан қаттиқ аҳд-паймон олдик”. (Нисо сураси 154-оятдан).
Яҳудийларга шанба куни балиқ овлаш манъ қилинган эди. Шунда улардан баъзилари шанба кунлари балиқларни қамаб, қоронғу тушиши билан тутиб оладиган бўлдилар. Мана шу жиноятлари - ўзлари учун улуғ кун ҳисобланган шанба кунида ҳаддан ошганлари сабабли мазкур жазога мустаҳиқ бўлдилар - бадбахт маймунларга айланиб қолдилар.
Сўнгра замон ўтиб, бани Исроил қавмига элчи бўлиб Ийсо алайҳис-салом келди ва у зот ҳам уларга жумъа кунини байрам қилишни буюрди. Аммо Ийсо алайҳис-саломга эргашган насронийлар: “Яҳудлар биз байрам қилганимиздан кейин байрам қилишларини истамаймиз”, дедилар ва якшанба кунини ўзлари учун байрам куни қилиб олдилар. Бас, Оллоҳ таоло жумъа кунини ушбу умматга (яъни, мусулмонларга) байрам қилиб берган эли, улар қабул қилдилар ва жумъа мусулмонлар учун муборак-баракотли кун бўлиб қолди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Демак, бани Исроил қавми - яҳудийлари ҳам, насронийлари ҳам Мусо ва Ийсо алайҳимас-салом билан жумъа куни ҳақида талашиб-тортишганлари сабабли ҳаёти дунёда бу улуғ куннинг баракотидан маҳрум қилиндилар ва Оллоҳ таолонинг Амри билан жумъа кунини байрам қилиш, у кунда жамъланиб жумъа намозини ўқиш Ислом умматига насиб этди.
Имом Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддислар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Биз - кейин келганлар Қиёмат Кунида ўзгувчидирмиз, жаннатга энг аввал киргувчидирмиз. Фақатуларга Китоб биздан аввал берилди, бизга улардан кейин берилди. Мана бу (жумъа куни) уларга фарз қилинган кундир, лекин улар бу кун ҳақида талашиб-тортишдилар, бас, Оллоҳ таоло у кунга биз мусулмонларни ҳидоят қилди. Энди улар бу хусусда бизга эргашгувчидирлар. Бу кун (яъни, жумъа куни) бизникидир, эрта (шанба) яҳудларники, индин (якшанба) насронийларникидир”.
“Албатта, Парвардигорингиз Қиёмат Кунида талашиб-тортишган нарсалари тўғрисида уларнинг ўртасида Ўзи ҳукм қилур”.
Яъни, ким ҳақ, ким ноҳақ экани Эртага - Қиёмат Кунида Оллоҳ таолонинг Ҳузурида аниқ маълум бўлади ва У Зот албатта элчи-пайғамбарларга итоат этгувчиларга мукофотини, талашиб-тортишадиганларга эса, жазосини беради. Бас, бандалар зиммасидаги вазифа - тоат-ибодат ва Шариат аҳкомлари борасида тўла итоат қилиш ва уларга бирон қўшимча бидъат-хурофотни киритмасликдир.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Сизлар менинг суннатимни ва мендан кейинги хулафойи рошидийн - Тўғри Йўлдаги тўрт халифа Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий (розияллоху анхум) нинг суннатини махдам ушланглар, озиқ тишларингиз билан тишланглар ва ҳаргиз бидъатга - янги чиққан ишларга яқинлашманглар, чунки барча бидъатлар залолат - йўлдан озишдир”, деб огоҳлантирганлар. (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).
125. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингизнинг Йўлига - Динига донолик - ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (яъни, Сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал тарзда мужодала - мунозара қилинг! Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг Йўлидан озган кимсаларни жуда яхши Билгувчидир ва У Зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши Билгувчидир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, одамларни Ҳақ Йўлга - Дини Исломга даъват қилишда қандай йўл тутиш тўғри бўлишини ўргатади. Чунки ҳар бир элчи пайғамбарнинг зиммасидаги энг биринчи вазифа инсонларга Оллоҳнинг Динини таълим беришдир, уларни залолат йўлларидан чиқариб, Тўғри Йўлга бошлашдир. Бу шарафли вазифани қай тарзда адо этилса самаралироқ бўлиши ҳам албатта ўша Тўғри Йўлнинг Эгасига жуда яхши маълумдир. Шу сабабдан Ҳақ таоло Ўз Элчисига ва у зот орқали амри маъруф, наҳий мункар қилишга - одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришга қодир бўлган ҳар бир уммати Муҳаммадга аввало одамларни Оллоҳнинг Йўлига даъват қилишни буюради, сўнгра бу даъватни қуруқ сўзлар билан эмас, балки ҳикмат - дониш-мандлик билан ва уларнинг қалбига таъсир этадиган ибратли панд-насиҳатлар билан қилишни ўргатади. Чунки пухта билимсиз қилинадиган қуруқ даъват бетаъсир даъват бўлади ёки одамларга акс таъсир қилиб, уларни даъват этилаётган йўлдан совиб тескари қараб кетишларига сабаб бўлиши ҳам мумкиндир. Воизнинг ваъзи-насиҳати далил-исботли, тинг-ловчилар тушунадиган тилда, ёқимли тарзда айтилганида эса, ҳатто тошдек қаттиқ дилларни эритиб, кўр кўзларининг очилишига сабаб бўлади. Зотан, даъватдан кўзда тутилган мақсад ҳам мана шудир.
Шунингдек, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло биз бандаларига одамларнинг Ҳақ Йўлга даъват қилиш жараёнида агар таъбир жоиз бўлса, сабр-тоқатни тўн қилиб кийиб олишни буюради. Чунки даъват асносида айрим кишилар нодонлиги сабабли, айримлар бад ғараз билан, яна бошқа бировлар эса, сўзингизни аниқ англаб олиш мақсадида сиз билан бахс-мунозарага киришади, ҳатто қўпол, ёқимсиз сўзлар айтади. Мана шундай вазийятларда қизишмасдан, ғазабланмасдан сабр-тоқат билан, далил-исбот билан мунозара қилиб масъала моҳиятини англатишга ҳаракат қилган даъватчигина мақсадига эришиши, яъни, одамларга Оллоҳ таолонинг Динини тўғри етказиши мумкинки, бу хусусда ҳам биз умматларига Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам энг гўзал намунадирлар. У зотнинг одамларни қандай гўзал тарзда Ҳақ Динга даъват қилганлари хусусида Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоят қилган мана бу ибратли ҳадиси шариф етарли далилдир: Бир ёш йигит Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Набийяллоҳ, Сиз менга зино қилишга изн берасизми?”, деган эди, одамлар унинг сўзини эшитиб ғазабланганларидан шовқин-сурон кўтариб юбордилар. Лекин Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланмадилар, балки: “Уни мени ёнимга олиб келинглар”, деб буюрдилар. У йигит олдиларига келиб ўтиргач, Пайғамбар алайҳис-салом унга: “Шу ишни онангга раво кўрар-мидинг, яъни, онанг бировлар билан зинокорлик қилишини истармидинг?” дедилар. У: “Йўқ, Оллоҳ мени Сизга фидо қилсин”, деди. У зот: “Бошқа одамлар ҳам оналари учун бу ишни раво кўрмайдилар. Энди айтгинчи, сен бу ишни қизинг учун раво кўрармидинг?” дедилар. У: “Йўқ, Оллоҳ мени Сизга фидо қилсин”, деди. У зот: “Бошқа одамлар ҳам қизлари учун бу ишни раво кўрмайдилар. Сен бу ишни опа-синглинг учун раво кўрармидинг?” дедилар. У: “Йўқ, Оллоҳ мени Сизга фидо қилсин”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бошқа одамлар ҳам бу ишни опа-сингиллари учун раво кўрмайдилар”, дедилар, сўнгра қўлларини йигитнинг кўкраги устига қўйиб туриб: “Оллоҳим, унинг қалбини поклагин, гуноҳини кечиргин, авратини ҳаромдан асрагин”, деб дуо қилдилар. Бас, у йигит учун бузуқлик энг ёмон кўрилган нарсага айланиб қолди. (“Тафсири Мунийр”дан).
“Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг Йўлидан озган кимсаларни жуда яхши Билгувчидир ва У Зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши Билгувчидир”.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизнинг ва Сизга тобеъ бўлиб инсонларни Ҳақ Йўлга даъват қилгувчи ҳар бир кишининг вазифаси Ҳақ таоло ушбу ояти каримада таълим берган гўзал услуб билан Дини Ислом ақийда ва аҳкомларини одамларга етказиш, холос. Аммо ким ушбу даъват таъсири билан Ҳақ Йўлга ҳидоят топади ва ким Ҳақ Сўзни эшитиб туриб ҳам адашганлардан бўлиб қолаверади, масъаланинг бу жиҳати Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига маълумдир. Чунки ҳидоят қилиш ҳам, залолатга кетказиш ҳам Унинг Қўлидадир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларни ҳидоят қилиш Сизнинг зиммангизда эмасдир. Балки Оллоҳ Ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилур”. (Бақара сураси, 272-оятдан).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир”. (Қасас сураси, 56-оят).
126. (Эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз! (Аммо) агар сабр-тоқат килсангизлар, албатта, сабр қилгувчи кишилар учун бу (интиқом олмоқдан) яхшироқдир.
Аксари муфассир уламолар ушбу ва қуйидаги икки оятни, яъни, Маккайи мукаррамада нозил қилинган Наҳл сурасининг ушбу сўнгги уч оятини Мадинайи мунавварада Уҳуд жангида шаҳид бўлган саҳобалар ҳақида нозил бўлганини айтадилар.
Воқеа бундай бўлган эди: Қачонки мушриклар Уҳуд жангида мусулмонлардан устун келиб, етмиш саҳобийни (улардан олтмиш тўрттаси ансорийлардан, олти киши эса, мухожирлардан эди) ўлдириб ташлаб кетишгач, жанг майдонидан қайтаётган Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам ўта мудхиш манзара устидан чиқдилар - мушриклар ўзлари ўлдирган етмиш мусулмондан олтмиш тўққистасининг мурдаларини беаёв таҳқирлашиб, қоринларини ёриб, қулоқ-бурун ва бошқа аъзоларини кесиб-чопиб ташлашган эди. Бу шаҳидлар орасида Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг амакилари саййидуш-шуҳадо Ҳамза ибн Абдул-мутталиб розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Бу ваҳшийликни кўрган Пайғамбар алайҳис-саломнинг қалбида шу қадар оғриқ пайдо бўлдики, илгари ҳеч қачон бундай ҳолга тушмаган эдилар. Ўша онда: “Оллоҳга қасамки, агар Оллоҳ мени у мушриклар устига ғолиб қилса, эй амаки, албатта Сизнинг ўрнингизга улардан етмиштасини қатл қилиб, қулоқ-бурунларини кесурман”, деб қасам ичдилар, сўнгра шаҳидларга жаноза ўқидилар. Аввал Ҳамза розияллоҳу анҳуни олдиларига қўйиб, ўн такбир билан жанозасини ўқидилар, кейин қолган маййитларни битта-биттадан Ҳамзанинг олдига қўйиб, улардан ҳар бирига навбатма-навбат жаноза ўқидилар ва ҳар бир жанозада олдиларида янги қўйилган маййит билан бирга Ҳамзанинг жасади ҳам турди. Шундай қилиб, шаҳидларнинг ҳар бирига бир мартадан, Ҳамза розияллоҳу анҳуга эса, етмиш марта жаноза намозини ўқидилар. Қачонки уларнинг барчаларини дафн этиб бўлишгач, Ҳақ таоло ушбу оятларни нозил қилиб, жазо жиноятга яраша бўлиши лозимлигини, яъни, бировлардан зиён кўрган томон зиён етказган томондан фақат кўрган зиёни баробарида ўч олиши мумкинлиги, агар ўч олмасдан сабр қиладиган бўлса, бу ишлари ўша сабр қилгувчилар учун яхшироқ бўлишини билдирди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол: “Албатта биз сабр қилурмиз”, дедилар бир мусулмон учун етмишта мушрик-дан ўч оламиз деб ичган қасамларини бузиб, каффоратини тўладилар.
127. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, бу даъват Йўлида Сизга етган озор-азийятларга) сабр-тоқат қилинг! Ёлғиз Оллоҳ (ёрдами) билангина сабр қила олурсиз. Уларнинг (яъни, мушрикларнинг Динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг! Уларнинг макру ҳийлаларидан сиқилманг ҳам!
Юқоридаги оятда умум мусулмонларга ўч-интиқом олиш жоиз бўлган ҳолларда ҳам рақибдан ўч олмасдан сабр қилганлари яхшироқ бўлиши айтилгач, энди ушбу ояти каримада Ҳақ таоло хоссатан Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зотни зимма-ларидаги Ҳақ Динга даъват қилишдек буюк вазифани адо этиш асносида мушрик-кофир кимсалар томонидан етадиган ҳар қандай алам-азийятларга, уларнинг Ҳақ Диндан юз ўгиришларига сабр қилишни буюрди ва сабр қилиш осон - ҳар кимнинг қўлидан келаверадиган иш эмаслигини, балки банда фақат Оллоҳ таолонинг ёрдами билангина қийинчиликларга сабр қила олиши мумкинлигини таъкидлади. Албатта бу Амри Илоҳий беҳикмат эмас эди. Чунки жаҳолат ботқоғига ботиб қолган оламни дафъатан Исломнинг Тўғри ва Мунаввар Йўлига олиб чиқиш осон иш эмас эди. Бу улуғ мақсадга фақат тоғдек сабр билангина етиш мумкин эди. Қолавер-са, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у зотга ҳақ Пайғамбар деб иймон келтирган саноқли кишилар учун бирдан-бир намуна, ибрат бўлиб, агар у зот сабр-тоқатли бўлсалар, бу бошқалар учун бир гўзал андоза бўлар ва ҳаммалари биргаликда олдинда дуч келиши муқаррар бўлган тўсиқ ва камчиликларни енгиб ўтишлари осон бўлар эди. Шунингдек, Ҳақ таоло Ўз Элчисига кофир қавмнинг ҳар қандай қилмишидан маҳзун бўлиб тушкунликка тушмасликни ва уларнинг Ҳақ Динга ва ҳақ Пайғамбар-га қарши қилаётган турли-туман макр-ҳийлаларидан сиқилмасликни буюрди. Чунки кофирнинг иши кофирлик, душманнинг иши душманлик қилишдир. Бас, уларнинг Ҳақ Йўлга юрмаётганларидан, Ҳақ Сўзни уқмаётганларидан маҳзун бўлиб, сустлашмаслик керак. Уларнинг куфру исёнлари фақат ўзларига зиён қилади.
Ҳақ таолонинг ушбу Фармони аввало Пайғамбар алайҳис-саломга, қолаверса, барча уммати Муҳаммадга Ҳақ Йўлида сабр-матонат билан собитқадам бўлиш, ҳеч қандай вазийятда сусткашлик қилмаслик ва кофирларнинг қилмишларидан қайғуга тушмаслик ҳақида буюрилган ўта ҳикматли Илоҳий йўл-йўриқдир.
128. Зотан, Оллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир.
Юқоридаги оятларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва мў-минлар Ҳақ Йўлда собитқадам ва сабр-матонатли бўлишга буюрилганла-ридан кейин, ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг гуноҳ-маъсиятлардан парҳез қилган ва амал-ибодатларини чиройли тарзда адо этган бан-далари билан бирга эканлигини эълон қилади. Яъни, кимда-ким Тенгсиз Буюк ва Қудратли Оллоҳ таоло Ёр бўлишини, кўзлаган мақсадларига муваффақ қилишини, ҳар қандай душмандан ҳифзу ҳимоясида асрашини хоҳласа, мана шу уч фазилатга - сабр, тақво ва эҳсон - амал-ибодатни чиройли, бекаму кўст адо этиш фазилатларига эга бўлсин. Акс ҳолда, оқибат ҳам аксинча бўлади.
“Танвирул-азҳон” тафсирида ояти кариманинг яна ўзгача бир шарҳи ҳам баён қилинибдики, у шарҳ ҳам ўта ибратлидир: яъни, Оллоҳ таоло зиён етказган кимсалардан ўч-интиқом олишдан парҳез қилгувчи ва ёмонлик қилганларга ҳам эҳсон - яхшилик қилгувчи бандалари билан биргадир.
Шунингдек, сурайи кариманинг ушбу сўнгги оятида Ҳақ таоло биз бандаларига тақво ва сабрнинг ўзи ҳам эҳсон - чиройли амал эканини уқтиради. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилгандир: “Дарҳақиқат, кимда-ким Оллоҳдан қўрқса ва сабр қилса, албатта Оллоҳ бундай чиройли амал қилгувчи кишиларнинг ажру мукофотини зое қилмас”. (Юсуф сураси, 90-оятдан).
Ҳазм ибн Ҳаййёндан вафоти яқинлаб қолган чоғида “Бизга васият қилинг”, деб сўралганида у: “Одатда киши қолдириб кетаётган мол-дунёсини васият қилади. Менинг эса, мол-дунёйим йўқ. Лекин мен сизларга Наҳл сурасининг сўнгги оятларини васият қилурман”, деди.
Меҳрибон Парвардигоримиз ушбу оятлардан ибрат олиш бахтини барчамизга насиб этгай.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Наҳл сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.