Маккада нозил бўлган ушбу сура бир юз ўттиз беш оятдир. Сурайи карима Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиш билан бошланиб, у зотга бор мавжудотнинг Хожаси томонидан нозил қилинган Куръони Карим Оллоҳцан қўрқадиган кишилар учун бир панд-насиҳат экани хдмда Ҳақ таоло энг махфий нарсалардан ҳам Огоҳ бўлган Зот эканлиги баён қилинади. Бу сурада Оллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Пайғамбарига ундан аввал ўтган салафлари учун ҳам Ҳақ Йўлига даъват қилиш осон бўлмаганини эслатиб, суранинг асосини ташкил этадиган Мусо ва Ҳорун пайғамбарларнинг қиссасини батафсил баён қилади. Унда Мусо алайҳис-саломнинг қай ҳолатда пайғамбар бўлганлари ва у зотга Оллоҳ таоло томонидан қандай мўъжизалар ато этилгани; Мусо билан золим Фиръавн ўртасидаги мужодала; Мусо билан сеҳргарлар ўртасида бўлиб ўтган мубораза-мусобақа; ни-ҳоят Фиръавн ва унинг лашкарлари қандай ҳалок бўлганлари ва бошқа воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилинади. Яна бу сурада барча жонзот ҳисоб-китоб учун жамланадиган Қиёмат Кунида овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилишлари ва фақат пичирлашларгина қулоққа чалиниши каби Қиёмат манзаралари ҳам тасвирлаб ўтилади ҳамда Ҳақ Йўлидан тоймаган кишилар ўзларига ваъда қилинган жаннатларга киритилишлари, кофирлар эса жаҳаннамга ташланишлари ҳақида хабар берилади. Сура Пайғамбар алайҳис-саломга айрим Илоҳий йўл-йўриқлар кўрсатиш билан ниҳояланади.
Бу сура ўзининг илк ояти - Тоҳа номи билан маъруфдир.
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1. То, Ҳа.
Қуръони Каримда бир неча суралар мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади. Бу ҳарфларга аксари муфассир уламолар бирон тафсир айтмайдилар, балки уларнинг маъноси Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзигагина аён, бу Оллоҳ таоло Ўзи биладиган сир дейдилар.
Ушбу ҳарфлар хусусида Бақара сурасининг илк ояти тафсирида баён қилинди.
Аммо уламолар орасида ушбу ҳарфларга маъно айтганлари ҳам бор: бир ривоятда айтилишича, “Тоҳа”калимаси худди бошқа сураларда келган Аҳмад, Ёсин калималари каби Пайғамбар алайҳис-саломнинг исмларидан биридир. Яна “То, Ҳа”, асли буйруқ сийғасидаги “То, Ҳа - Уни яъни, Ерни босинг”, деганидир”, деб тафсир қилган уламолар ҳам бор.
“Тафсири Мунийр”да эса, Ибн Аббос розияллоху анхумодан бундай ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Оллоҳ таоло у зотга илк бор ваҳий нозил қилганидан бошлаб намозларида жуда узоқ тик турадиган бўлдилар, ҳатто оёқлари шишиб кетганидан уларнинг бирида туриб, иккинчисини бир оз кўтариб дам олдирар эдилар, бас, ваҳий нозил бўлдики, оёғингизни ерга кўйинг, ўзингизни бу қадар қийнаманг, чунки -
2-3. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун эмас, балки (Оллоҳдан) қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат бўлсин, деб нозил қилдик.
Ушбу оятларнинг нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида Муқотил айтади: “Макка мушрикларидан Абу Жаҳл, Валид ибн Муғийра, Назр ибн Ҳорис ва Мутъим ибн Адий Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламга: “Сен албатта бало-машаққатларга мубтало бўласан, чунки сен ота-боболарингнинг динини тарк этдинг”, деган эдилар, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Йўқ, мен бутун оламлар учун Оллоҳ таолонинг Раҳмати - Марҳамати ўлароқ юборилдим (яъни, Оллоҳтаоло менга нозил қилган Дин на мен учун ва на умматларим ва бутун олам учун бахтсиз-лик, меҳнат-машаққат эмас, балки Яратганнинг бандаларига туширган Меҳру Марҳаматидир)”, дедилар. Улар яна: “Йўқ, сен албатта бахтсиз бўласан”, дейишгач, Оллоҳ таоло ушбу оятларни нозил қилиб, мушрик-кофир кимсаларнинг сўзларини рад этди ва Дини Ислом дунё ва Охиратда саодатли бўлишнинг бирдан-бир Йўли эканлигини, ширк ва куфр ҳақиқий бадбахтлик эканлигини айтди ҳамда Ўз Элчисига Сиз уларнинг динсизликларидан ва Ҳақ Динга иймон келтирмаётганларидан ўзингизни бу қадар қийнаб, сиқилаверманг, чунки уларнинг иймон келтиришлари Сизнинг қўлингиздаги иш эмас, балки Сизнинг зиммангиздаги вазифа фақат ўзингизга ваҳий қилинган оятларни етказиш, Оллоҳдан қўрқадиган кишиларга ушбу Илоҳий Зикрни эслатиш, холос, деб буюрди.
Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эҳтимол, Сиз агар улар ушбу Сўзга - Куръонга иймон келтирмасалар, хафа бўлганингиз учун уларнинг ортидан, ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз?! (Асло бундай қила кўрманг)!” (Каҳф сураси, 6-оят).
Дарҳақиҳат, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Макка аҳлини Ҳақ Йўлга даъват қилиб Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан нозил бўлган Қуръон оятларини ўқиб берар эканлар, уларнинг ҳар бири Дини Исломни қабул қилиб Ҳидоят Йўлига киришини жуда-жуда хоҳлар, аммо ҳаётда бунинг аксини кўриб, уларнинг ўз ширкларида оёқ тираб турганларидан, Тўғри Йўлга юришни ҳеч хоҳламаётганларидан беҳад ғам-ғуссага ботар эдилар. Шунда Ҳақ таоло Ўз Элчисига таскин-тасаллий бериб ушбу оятни нозил қилди ва Оллоҳ адаштириб қўйган кимсалар ҳеч қачон Тўғри Йўлга юрмасликлари, уларга ҳеч ким ёрдам ҳам бера олмаслиги ҳақида хабар берди. Бу ҳақда мана бу оятларда ҳам айтилган:
“Кимни Оллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас. (Оллоҳ) ундайларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилур”. (Аъроф сураси, 186-оят).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир”. (Қасас сураси 56-оят).
Шунингучун ОллоҳтаолоЎз Элчисига буюради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Эй инсонлар, аниқки, сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ - Куръон келди. Бас, ким Тўғри Йўлга юрса, фақат ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (у Тўғри Йўлдан) адашса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Мен сизларнинг устингизда вакил - қўриқчи эмасман». (Юнуссураси, 108-оят).
4. (Ушбу Қуръон) Ерни ва юксак осмонларни яратган Зот томонидан нозил қилингандир.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизга келган ушбу Қуръон мана шу оёғингиз остидаги Ер ва ундаги бор нарсалардан тортиб энг баланд осмонлар ва улардаги бор нарсаларнинг барчасини йўқдан бор қилган Танҳо Холиқ томонидан нозил қилинди.
Ояти карима бандаларга ушбу тенгсиз Буюк Каломнинг Эгаси қандай Улуғ Зот эканлигини таништирдиким, токи улар Қуръони Азимнинг қадру қиммати нақадар баланд эканлигини билсинлар ва унинг ҳар бир калимасини ўқиб-ўрганиб, Каломуллоҳ кўрсатмаларига амал қилсинлар.
5. (У Зот) Ўз Аршига истиво қилган Раҳмондир.
Албатта биз - ожиз инсонлар Қодир Оллоҳнинг Арши Аълосини ҳам,У ЗотнингЎз Аршига қай суратда ўрнашишини ҳам тасаввур қилишга ожизмиз. Зотан, ғайб оламида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларнинг сурат-кайфиятини тасаввур қилиш биз бандалардан талаб ҳам қилинмайди. Балки аксинча, бизнинг бурчимиз Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифда ожиз ақлимиз бовар қилмайдиган ғайб олами ҳақида айтилган хабарларни ўқиган пайтимизда уларнинг ҳақ хабарлар эканига иймон келтириб, тафсилот ва кайфиятини Оллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилишдир. Солиҳ салафлар мана шундай йўл тутганлар. Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳнинг илм мажлисида “(У Зот) Ўз Аршига истиво қилган Раҳмондир”, ояти ўқилган эди, бир кимса: “Оллоҳ Ўз Аршига қай ҳолатда ўрнашди?” деди. Шунда Молик бошини қуйи солиб, ўйга толди, ҳатто терлаб кетди. Анча вақт ўтгач, бошини кўтариб, ҳалиги сўраган кимсага қараб: “Ўрнашгани аниқ, бу хабарга иймон келтириш вожиб, аммо унинг қандай кайфият-суратда содир бўлганини билишдан ақлларимиз ожиз, у ҳакда сўраш (яъни, албатта кайфиятини билишим керак дейиш) бидъатдир. Менинг ўйимча, сен йўлдан озган кимсасан”, деди ва уни мажлисдан чиқариб юборишни буюрди.
Ояти каримадаги биз “ўрнашди” деб таржима қилган “иставо” кали-масининг мазмунини Аъроф сурасининг 54-ояти тафсирида ала қадри ҳол баён қилиб ўтдик.
6. Осмонлардаги, Ердаги ва у иккисининг ўртасидаги ҳамда тупроқ остидаги бор нарса Уникидир.
Яъни, ана ўша Улуғ Арши аъло Соҳиби бўлмиш Раҳмон - бандаларига бениҳоя Меҳрибон Оллоҳ субҳонаху ва таоло бутун борлиқнинг Танҳо Эгасидир. Етти қат осмон ва етти қават Ер ўртасидаги бор нарса, ҳатто ҳаво, булутлар ва қушларгача, ҳатто дарахт-ўсимликларнинг тупроқ остидаги илдиз-томирлари, уруғдондан тортиб ер тубига яшириб қўйилган кон ва хазиналаргача барча-барча мавжудот Ёлғиз Оллоҳнинг мулки бўлиб, уларнинг ҳар бирини яратган ҳам, тасарруф қилиб турадиган ҳам, тирилтира-диган ҳам, ўлдирадиган ҳам, бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам Унинг Ўзидир. Чунки коинот ва ундаги мавжуд бўлган бор жонли-жонсиз нарсани йўқдан бор қилишда ҳеч ким Оллоҳ таолога шериклик қилмаган, бас, уларни тасарруф қилишда ҳам ҳеч ким У Зотга шериклик қила олмайди.
7. Агар Сиз ошкора гапирсангиз ҳам (ва ёки хуфёна гапирсангиз ҳам У Зотга баробардир). Зеро, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур.
Яъни, Яратганнинг Билгувчи Зот эканлиги фақат моддий нарсаларнинг ўзигагина тааллуқли эмасдир, балки бутун борлиқдаги барча нарсани - хоҳ у моддий нарса-жисм бўлсин, хоҳ маънавий, руҳоний, яъни, ғайри моддий нарса бўлсин - барча-барчасини Оллоҳ таоло кўриб, эшитиб, билиб тургувчидир.
У қоп-қоронғу кечада, қоп-қоронғу хонада, қоп-қора тош кавагида ўрмалаб кетаётган қоп-қора қумурсқани ҳам ўзини кўриб, сасини эшитиб тургувчи Зотдир. У ҳар бир инсоннинг очиқ-ошкора сўзлаган сўзини эшитиб-билиб тургани каби унинг яширинча-шивирлаб айтган сирларини ҳам, ҳатто ҳеч кимга айтмайдиган сирларини ҳам ва ҳатто унинг ичидаги ўзи ҳам билмайдиган сирларни ҳам жуда яхши билур. “Албатта Оллоҳ осмонлар ва Ернинг ғайбини (сирру асрорини) Билгувчидир. Албатта У диллардаги сирларни ҳам аниқ Билгувчидир”. (Фотир сураси, 38-оят). Бас, банда Оллоҳ таолони зикр қилган вақтида овозини кўтариб, бақириб зикр қилиши шарт эмас, балки Ҳақ таоло бошқа бир сурада таълим берганидек зикр қилиши мақсадга мувофиқдир. Оллоҳтаоло айтди: “Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, ошкор бўлмаган сўзлар билан (яъни, дилдан) эрта-ю кеч зикр қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!” (Аъроф сураси, 205-оят).
8. Оллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Унинг Ўзи бордир, Унинг гўзал Исмлари бордир.
“Оллоҳ - ҳеч қандай йўқ, Ёлғиз Унинг Ўзи бордир”.
Ушбу жумла Оллоҳ таолонинг бутун оламлар - барча махлуқот учун Якка-ю Ёлғиз, ҳеч қандай шериги бўлмаган Танҳо Илоҳ экани ҳақида хабар беради. Бу жумла Ҳақ таоло бандаларига айтган сўзларининг энг улуғи бўлгани янглиғ, бандалари айтадиган сўзларнинг ҳам энг улуғидир. Улуғлиги шу қадарки, уни айтган кофир, агар чин ихлос билан айтадиган бўлса, мусулмонга айланади!
“Унинг гўзал Исмлари бордир”.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳнинг тўқсон тўққиз - бир кам юз Исми бордир. Ким уларни санаб - ёдида сақласа жаннатга киради”, деб марҳамат қилдилар.
Ояти каримада Оллоҳ таоло Ўзининг Гўзал Исмлари борлиги ҳақида хабар бериб, бандаларини ҳар қачон дуо қилганларида У Зотга ана ўша Исмларни айтиб дуо-илтижо қилишга буюрди.
Ривоят қилинишича, баъзи мусулмонлар намозларида: “Ё Оллоҳ, ё Раҳмон”, деб Оллоҳ таолонинг турли Исмларини айтиб дуо қилишаётганини кўрган мушриклар: “Муҳамад ва унинг асҳоби ёлғиз Оллоҳга ибодат қиламиз деб даъво қиладилар-у, мана булар бўлса “Ё Оллоҳ, ё Раҳмон”, деб икки илоҳга дуо қиляптилар”, дейишганида Оллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилиб, Ўзининг гўзал Исмлари борлигини, ана ўша Исмлардан қай бирини айтиб дуо қилсалар ҳам жоиз эканини билдирди.
Сурайи кариманинг илк оятидан бошлаб то ушбу ояти каримага қадар Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Қуръони Азим ҳақида ҳамда Ўзининг бутун борлиқнинг Танҳо Холиқи эканлиги, буюк Арши аълонинг Ёлғиз Соҳиби эканлиги, барча бандаларига Раҳмон - Меҳрибонлиги, Ер-у кўкдаги жамийки мавжудот Унинг мулки эканлиги ва ошкора-ю хуфёна бўлган ҳар бир ҳатти-ҳаракатни, ҳатто хаёлдан ўтган ҳар қандай фикрни билиб тургувчи Зот эканлиги тўғрисида, хулласи калом, бир калима билан айтганда, Ўзининг энг гўзал Исм ва Сифатлар Эгаси бўлмиш Якка-ю Ёлғиз Оллоҳ эканлиги хусусида шундай мухтасар ва айни пайтда ўта мукаммал бир суратда тўла-қонли баёнот берадики, мазкур оятларни ўқиб англаган бирон кишида, агар у ақл ва инсоф эгаси бўлса, Қуръоннинг Каломуллоҳ эканлиги ҳақида заррача шак-шубҳа бўлиши мутлақо мумкин эмасдир ва ушбу Калом Эгасига бирон кимса ёки нарсани ёхуд тош, ёғоч, темирлардан ясаб олинган бут-санамларни шерик деб эътиқод қилиши асло дуруст эмасдир. Шунинг учун ҳам, Дини Исломни қабул қилишидан илгари ўта жоҳил ва зўравон кимса бўлган Умар ибн Хаттоб, (Тоҳа сураси Умар розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилишидан илгари нозил бўлган эди), синглиси Фотима унга мазкур оятларни ўқиб берганида бирдан ақл-фаросати очилиб-ёришиб Ислом ва иймонга шошилди. Воқеа, Ибн Исҳоқ ўзининг Сийрат китобида хабар беришича, бундай бўлган эди: айтиб ўтилганидек, Исломни қабул қилишидан илгари ушбу Ҳақ Динга қаттиқ адовати бор бўлган Умар бир куни камарига қиличини осиб, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни истаб топиш ғаразида уйидан чиқди. Йўлида рўбарў бўлиб қолган Наим ибн Абдуллоҳундан: “Қаёққа қараб йўл олдинг, эй Умар?” деб сўраган эди, у: “Мен анави йўлдан озган Муҳаммадни истаб кетаяпман. У Қурайшни иккига бўлиб кўйди, бутларимизни ҳақорат қилиб, динимизни айблади, бизларни ақлсиз жоҳилларга чиқарди. Шунинг учун мен уни қаерда бўлса топиб, ўлдирмоқчиман”, деди. Шунда Наим: “Азбаройи Худо эй Умар, нафсинг сени алдаб-адаштириб кўйибди. Ҳеч ўйлаб кўрдингми, агар сен Муҳаммадни ўлдирадиган бўлсанг, унинг уруғи бўлган бани Абдуманоф қабиласи сени Ер юзида тирик юришингга кўйиб беришармикан? Яхшиси, уйингга қайтиб оиланг аъзоларини тўғри йўлга солганинг яхшироқ эмасми?” деди. Умар: “Қайси оила аъзоларимни?!” деб сўраган эди, у: “Куёвинг ва амакингнинг ўғли бўлган Саид ибн Зайд ва синглинг Фотима бинти Хаттобни. Худо ҳаққи, у иккиси Исломга кириб, Муҳаммадга эргашиб ке-тишди, сен аввал ана ўшаларни ўнглаб олгин”, деди. Бас, Умар ғазаб билан йўлини синглиси ва куёвининг уйи томон буриб, етиб борганида, уларнинг олдида Хаббоб ибн Арат розияллоху анху кўлида Тоҳа сурасининг илк оятлари битилган саҳифани тутганича у иккисига ўша оятларни ўқитаётган эди. Улар Умарнинг шарпасини сезишлари билан Хаббоб бошқа хонага яширинди, Фотима эса, саҳифани олиб ўриндиғига кўйиб, устига ўзи ўтириб олди. Лекин Умар Хаббобнинг қироатини эшитиб қолган эди, шунинг учун уйга кириши билан: “Мен эшитган ғинғиллаган товуш кимнинг овози эди?” деди. Саид ва Фотима: “Сен ҳеч нарсани эшитганинг йўқ”, дейишди. У: “Йўқ! Худо ҳаққи мен сенларнинг Муҳаммадга эргашиб кетганларингни биламан!” деб куёви Саид ибн Зайднинг ёқасига ёпишган эди, синглиси Фотима эрини химоя қилиб ўртага туриб олди. Шунда Умар бир уриб Фотиманинг бошини ёриб кўйди. Ундан бундай қилғиликни кўргач, эр-хотин: “Ҳа, биз Исломни қабул қилдик, Оллоҳ ва Унинг Элчисига иймон келтирдик. Энди сен бизга билган ёмонлигингни қилавер!” дедилар. Лекин Умар ўша онда қилган қилмишидан ггушаймон бўлди ва синглисига қараб: “Сен менга ҳозиргина сизлар ўқиётганингизни эшитганим саҳифани бергин, мен Муҳаммад нима деётганини бир ўқиб кўрай”, деди. У хат танийдиган саводли киши эди. Бас, синглиси унга: “Биз у саҳифани сенга беришдан кўрқамиз”, деган эди, у: “Қўрқма”, деб, уни ўқиб бўлгач, албатта қайтариб беришга ваъда қилиб, ўзи сиғинадиган бутларига қасам ичди. Фотима акасидан бу сўзларни эшитганида кўнглида унинг Исломни қабул қилишига умид уйғонди ва: “Ака, сен мана шу мушрик ҳолингда нопок-нажасдирсан, ушбу саҳифани эса фақат таҳоратли-пок киши ушлаши мумкин”, деди. Бас, Умар ўрнидан турдида, ғусл қилиб покланиб келди. Шундан кейин Фотима акасига саҳифани берди. Унда Тоҳа сураси би-тилган эди. Қачонки Умар унинг аввалги оятларини ўқигач: “Мунча гўзал, мунча кароматли бўлмаса бу Калом!” деб юборди. Ундан бундай сўзларни эшитган Хаббоб яширинган жойидан чиқди ва: “Эй Умар, Оллоҳга қасам, мен Оллоҳ таоло сени Ўзининг Пайғамбари даъватидан насибадор қилишидан умидворман. Чунки мен кеча Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Оллоҳим, Ўзинг Исломни Абул-Ҳакам ибн Ҳишом ёки Умар ибн Хаттоб билан қувватлантиргин”, деб дуо қилаётганларини эшитдим, Оллоҳ, Оллоҳ ҳаққи эй Умар”, деди. Шунда Умар: “Эй Хаббоб, мени Муҳаммаднинг олдига олиб боргин”, деди, бас, Исломни қабул қилди, Оллоҳ таоло ундан рози бўлгай. (“Тафсири Мунийр”дан).
9. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизга Мусо ҳақидаги хабар келдими?
Ушбу ояти каримадан Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга у зотнинг салафлари - аввал ўтган пайғамбарлар ҳақида қиссалар сўйлашни бошлайди ва дастлаб элчи-пайғамбарлар орасида энг кўп синов-имтиҳонларга дуч келган, жуда кўп мўъжизалар соҳиби бўлган ва золим подшоҳ Фиръавн томони-дан бениҳоя кўп жабру жафолар кўрган Мусо алайҳис-салом ҳақида, унга ато этилган энг буюк мўъжиза - Мусонинг Оллоҳ таоло билан бевосита сўзлашгани хусусида хабар беради. Албатта, Жаноби Ҳақнинг Қуръони Каримда ўтмишдаги элчи-пайғамбарлар хабарларини келтириши беҳикмат эмас эди.
Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга элчи-пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкам қиладиган қиссаларни сўйлаб берурмиз. Бу қиссаларда Сизга Ҳақиқат ҳамда барча мўминлар учун панд-насиҳат ва эслатмалар келди”. (Худ сураси, 120-оят).
Демак, Қурони Азимда зикр қилинган қиссалар, илгари ўтган пайғамбарларнинг қавмлари ҳақидаги хабарлар жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, Ҳақ таолонинг аввалги элчилари бошига тушган қийинчилик-машаққатлар, уларга жоҳил қавмлари томонидан кўрсатилган қаршиликлар, берилган турли озор-азийятлар зикр қилинишидан мақсад, Унинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга - у зот мушриклар бераётган озор-адоватлардан изтиробга туган пайтларида таскин-тасаллий бериш, зиммаларидаги ўта оғир вазифани бекаму-кўст адо этишлари учун ўзларига ишонч, кўнгилларига сабр-тоқат ва куч-қувват ато этиш экан. Дарҳақиқат, жаҳолат ботқоғига томоқларигача ботиб қолган одамларни куфрдан тозаланишга чақиришда, ота-боболаридан бошлаб қон-қонларига сингиб кетган ширк ва динсизликдан кечишга ва Оллоҳ таоло буюрган Ҳақ Йўлга юришга даъват қилишда - Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз зиммаларида бўлган бу буюк ва ўта оғир вазифани буюрилганидек адо этишларида мазкур пайғамбарларнинг қиссалари у зотга маънавий кўмак бўлар, Оллоҳ таоло ҳар доим, ҳар қандай шароитда Ўз элчиларига ғалаба ато этгани ҳақидаги оятлардан хабардор бўлиб, ишончларига яна ишонч қўшилар эди.
Энг муҳими, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга сўйланган мазкур қиссалар одамлар томонидан ўйлаб топилган ёки ростга ёлғонни қўшиб-чатиб ёзилган афсоналар бўлмасдан, Ҳақ таоло тарафидан айтилган Ҳақиқатдир.
Бундан ташқари, ушбу қиссалар барча мўминлар учун Тўғри Йўлни кўрсатиб турадиган ибратли панд-насиҳат ва уларни Оллоҳ таоло кофирларга қандай балолар юборишидан огоҳлантириб турадиган Илоҳий Эслатмадир. Тоҳа сураси Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Макка-да нозил қилинган илк суралардан бўлгани эътибори билан муфассирлар Мусо алайҳис-салом ҳақидаги ушбу қиссани у пайғамбар ҳақида сўзлан-ган илк қисса дейдилар. Сўзнинг боши саволдан бошланиши ҳам Қуръондаги ажойиб услуб бўлиб, айтилмоқчи бўлган хабар мухотабнинг зеҳнида маҳкам ўрнашиб қолиши учундир.
10. Эсланг, у (қоронғи кечада узоқдан) бир оловни кўриб аҳли-оиласига: «(Сизлар шу ерда) туринглар, мен бир олов кўриб қолдим, шоядки сизларга ундан бирон чўғ олиб келсам ёки шу ўт олдидан бирон йўл (кўрсатувчи) топсам», деди.
Аксари тафсир китобларида ривоят қилинишича, қачонки Мусо алай-ҳис-салом Мадян шаҳридан Мисрга волидаси ва оғасини зиёрат қилиб келгани бориш учун Шуайб алайҳис-саломдан изн сўраганида,у изн берди.
(Мусо алайҳис-саломнинг қандай қилиб Мисрдан Мадянга келиб қолгани ва у жойда Шуайб алайҳис-саломнинг қизларидан бирига уйлангани ҳақида Қасас сурасининг 20-29-оятларида хабар берилади). Бас, у қишнинг совуқ кунларидан бирида аҳли-оиласини олиб, қўй-молини олдига солиб йўлга чиқади. Шом ўлкаларининг подшоҳларидан хавфсираб сер-қатнов йўлдан юрмасдан сахродаги нотаниш йўллардан кетадилар. Ўша кунларда Мусонинг аёли ҳомиладор бўлиб, ой-куни яқин қолган, кечасими ёки кундузими кўзи ёришини билмасдан турган вақтлари эди. Бас, қишнинг қаҳратон ва қоп-қоронғу бир кечасида Тур тоғининг ғарбий томонига яқин келиб қолганларида Мусонинг аёлини тўлғоқ тутиб, тўхтадилар ва бир ўғил фарзанд дунёга келди. Улар тўхтаганларида мол-кўйлари қоронғуда ҳар тарафга тарқалиб кетган эди. Мусо олов ёқиш учун қўлидаги чақмоқтошини ҳарчанд чақиб ҳаракат қилмасин, ҳеч ёнмасдан қийналиб турган чоғида баногоҳ Тур тоғи томонидан бир оловни кўради ва дарҳол аёлига: “Сизлар мана шу ердан жилмасдан тура туринглар, менинг кўзимга олисдан олов кўринди, бориб кўрайчи, ажабмас, сизларга ўша оловдан бирон чўғ олиб қайтсам ёки борар манзилимизга олиб борадиган йўлни кўрсатиб қўядиган бирор кишини топсам”, деб олов кўринган томонга қараб йўл олди.
11-12. Бас, қачонки (Мусо оловнинг олдига) келгач, унга нидо қилинди: «Эй Мусо, Мен сенинг Парвардигорингдирман. Энди кавушларингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан.
Яъни, қачонки Мусо олисдан кўзига олов бўлиб кўринган нарса яқинига келгач, пастидан шохларининг учигача ям-яшил бўлган бир дарахтни ва уни ҳар тарафидан ўраб олиб оппоқ бўлиб ёниб турган оловни кўрди. Ажабки, на оловнинг ёруғлиги дарахтнинг яшиллигини ўзгартирар ва на дарахтнинг яшиллиги оловнинг ёруғлигини ўзгартирар эди.
Аҳли тафсир айтадилар: “Мусога олисдан кўринган нарса олов эмас, балки нур эди. Мусо уни олов деб ўйлагани боис оятда олов дейилди”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Икрима ва бошқалардан ривоят қилинишича, у Оллоҳ азза ва жалланинг нури эди.
Саид ибн Жубайр эса: “У олов эди, чунки олов Оллоҳтаолонинг пардаларидан бир пардадир. Бу сўзимизга Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганимиз мана бу ҳадиси шариф ҳам далолат қилади: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳ ва саллам айтдилар: “Олов ҳам Унинг Юзини тўсиб тургувчи бир пардадирки, агар уни очса, Юзининг ёруғлиги маҳлуқотидан кўз етганча жойни, яъни, бутун борлиқни куйдириб юборур”. (Муслим ривояти).
Мусо алайҳис-салом қиссасида айтилишича, у қўлига бир тутам қуриган хас-хашак олиб ёндириб олиш учун халиги дарахтга қараб юрганида, дарахт ундан узоқлашди, орқасига чекинганида эса, яна эски жойига қайтди. Мусо бу ҳолдан лолу ҳайрон бўлиб тўхтаганида, қулоғига малоикаларнинг тасбеҳлари эшитилди ва шу онда унинг кўнглига бир ором-осойишталик тушди. Мусо мана шундай ҳолда турар экан, баногоҳ ғойибдан унга бир нидо келди: “Эй Мусо, Мен сенинг Парвардигорингдирман”.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Эй Мусо”, деган ушбу нидо унга ўша дарахтдан келди. Мусо ким нидо қилаётганини билмай дарҳол: “Мен овозингни эшитмоқдаман, аммо турган жойингни кўра олмаяпман, қаердасан?” деган эди, “Мен устингда ва ёнингда, олдингда ва ортингдадирман, Мен сенга ўзингдан ҳам яқинроқдирман”, деган жавоб бўлди. Бас, Мусо бу Ёлғиз Оллоҳ таолога лойиқ бўлган ҳол эканини билиб, Унга аниқ ишонди. Шунда буюрилди: “Энди кавушларингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан”.
Табарий “Жомиул-баён” тафсирида айтади: “Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга пойабзалини ечишни буюришига сабаб, токи у оёқлари билан муқаддас Туво водийсининг баракотидан баҳраманд бўлиши учун эди”. Айрим муфассирлар: “Оллоҳ таоло қилган ушбу Амри Илоҳийнинг ҳикмати, яланг оёқ бўлиш одоб ва тавозуъдир. Шунинг учун ҳам салафи солиҳлар Каъбатуллоҳни доимо ялангоёқ ҳолларида тавоф қилар эдилар”, дейдилар. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
Ривоят қилинишича, Мусо алайҳис-салом Ҳақ таоло томонидан амр бўлиши билан ковушларини ечиб, водий ортига улоқтириб юборди. (“Таф-сири Куртубий”дан).
13. Мен сени (пайғамбарликка) танладим. Бас, (сенга Менинг томонимдан) юбориладиган ваҳийга қулоқ тут!
Дарҳақиқат, Мусо алайҳис-саломга мана шундай мислсиз буюк, бошқа ҳеч бир пайғамбарга насиб этмаган бахт - Оллоҳтаоло уни Ўзининг элчиси қилиб танлагани ҳақида Жаброил фаришта орқали эмас, балки Ҳақ таолонингЎзидан эшитиб билиш - У Зот билан бевосита сўзлашиш бахти тақдир қилинди ва ўзига нозил этиладиган ҳар бир ваҳийни жон қулоғи билан тинглаши лозимлиги буюрилди. Ушбу ояти карима мазмунидан пайғамбарлик Ёлғиз Оллоҳтаоло танлаган кишиларгагина насиб бўлгани, ҳеч ким хоҳиши ёки ҳаракати билан пайғамбар бўла олмаслиги аниқ маълум бўлиши билан бирга Оллоҳнинг оятлари тиловат қилинган вақтда инсон ўзини қандай тутиши лозим экани таълим берилади. Яъни, инсонларнинг сўзларига қулоқ солиш ихтиёрий ишдир, аммо Оллоҳнинг Каломига қулоқ тутиш вожибдир, инсонларнинг сўзларини бўлиш, уларга эътироз билдириб, орада бошқа сўзларни қўшиш мумкиндир, аммо Оллоҳнинг Каломи қироат қилина бошладими, дарҳол ҳар қандай сўзни тўхтатиб, жим туриш ва бутун диққат-эътиборни Каломуллоҳ файзидан баҳра олиб, Илоҳий оятлар мазмунини англашга қаратиш лозимдир.
Ибн Атийя ўзининг “Ал-Муҳаррарул-важийз” номли тафсирида Абул Фазл Жавҳарий раҳимаҳуллоҳдан шундай ривоят қилади: “Қачонки Мусо алайҳис-саломга “Бас, (сенга Менинг томонимдан) юбориладиган ваҳийга қулоқ тут!” деб амр қилингач, у дарҳол ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, бошини қуйи солганича бир тош устида тош қотиб, нозил бўлажак ваҳийни кутиб, қулоқ тутиб турди ва Ҳақ таоло унга қуйидаги оятларда зикр қилинган ваҳийни нозил қилди” -
14. Дарҳақиқат, Мен - Оллоҳдирман. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Мен бордирман. Бас, сен Менга ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо эт!
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло севикли Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган ушбу ояти карима мазмунидан маълум бўладики, аввалги элчи-пайғамбарларга, жумладан Мусо алайҳис-саломга ҳам энг аввало Оллоҳ таолонинг ҳеч қандай шериги йўқ Якка-ю Ёлғиз Илоҳ эканини билиш, сўнгра Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш ва хусусан, ибодатларнинг энг афзали бўлмиш намозни бир урф ёки одат тариқасида эмас, балки фақат Оллоҳ таолони зикр қилиш, У Зотни эслаб, ёдга олиш учун адо этиш буюрилган экан. Шунингдек, гарчи Оллоҳтаолога ибодат қилиш буюрилганида бошқа ибодатлар қаторида албатта намоз ибодати ҳам тушунилгани ҳолда кейин яна алоҳида намозни адо этиш буюрилишидан намоз ҳар бир мўмин учун Оллоҳ таолони Ёлғиз Маъбуди Барҳақ деб эътиқод қилганидан кейинги энг улуғ ибодат экани маълум бўлади. Чунки намоз мўминга ҳар доим Оллоҳ таолони эслатади, балки банда Оллоҳтаолони ёддан чиқармагани учун У Зотга саждалар қилиб намоз ибодатини адо этади ва ҳар бир намозида ҳам тили, ҳам дили ва ҳам жамийки аъзойи бадани билан Яратганни зикр қилади. Демак, намоз бандага мунтазам равишда Яратганни эслатиб турадиган энг улуғ ибодатдир.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб - Куръондан бўлган (оятлар)ни тиловат қилинг ва намозни тўкис адо этинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Оллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Оллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур”. (Анкабут сураси, 45-оят).
15. Чунки ҳар бир жон қиладиган саъй-ҳаракати жазосини олиши учун албатта (Қиёмат) Соати келгувчидир. (Лекин) Мен уни (яъни, Қиёмат қачон қойим бўлишини ҳатто Ўзимдан ҳам) яширишга яқин бўлурман.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Мужоҳид ва Табарий каби энг буюк муфассирлар ояти каримадаги иккинчи жумлани мана шундай тафсир қилганлар. Мубаррад айтади: “Арабларда шундай одат бор. Улар бирон нарсани сир эканлигини билдирмоқчи бўлсалар “Мен уни ҳатто ўзимдан ҳам яшириб қўйганман”, дейдилар”. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
Ояти каримада Қиёмат Куни “Соат” деб номланишига сабаб, муфас-сирлар айтишларича, унинг тўсатдан келиши, дунёнинг сўнгги соати бўлгани ва аввал-у охир барча халойиқдан ким жаннати, ким дўзахи бўлиши Ҳақ таоло тарафидан бир соатда ҳал қилинишидир.
Ҳақ таоло Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат сабабли ана ўша Соатнинг қачон келишини бандалари учун сир қилиб қўйди. Албатта мўминлар Оллоҳтаоло хохдаган соатда ўша Соат келишига иймон келтирадилар ва имкониятлари қадар ўша Соатдаги ҳисоб-китоб учун тайёргарлик кўриб, яъни, солиҳ амаллар қилиб, гуноҳлардан четланиб яшайдилар. Кофирлар эса - «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи) ушбу ваъда (қилинган Қиёмат Куни) қачон бўлади?», дерлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «(Қиёмат қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим Ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат бир очиқ огоҳлан-тиргувчидирман, холос”. (Мулк сураси, 25-26-оятлар).
Дарвоқеъ, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Соати жуда яқин экани ҳақида кўп бор огоҳлантирганлар: Бухорий, Муслим ва Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ўзим билан Соат мана бу иккиси каби бўлганида пайғамбар қилиб юборилдим”, дедилар ва кўрсаткич бармоқлари билан ўрта бармоқларини жуфт қилиб кўрсатдилар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Соатининг қандай келиши ҳамда у Кун келганида одамлар қай ҳолатда қолишлари ҳақида ҳам хабар бердилар: Бухорий Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “То қуёш кунботар тарафдан чиқмагунича Қиёмат Соати қойим бўлмайди. Бас, қачон қуёш кунботар тарафдан чиққанида уни кўрган барча одам иймон келтиради. Аммо илгари иймон келтирмаган ёки мўмин ҳолда яхши амал қилмаган кимсаларнинг ўша Куни келтирган иймонларининг фойдаси йўқдир. Қиёмат Соати икки киши ўрталарига газмолларини ёйиб турган ҳолларида уни савдосини битирмасларидан ёки йиғиштириб олишга улгурмасларидан келиб қолади!
Қиёмат Соати қўйини соғиб олган киши ўша сутни ичишга улгурмасидан келиб қолади!
Қиёмат Соати киши ҳовузини суваб унга сув тўлдирган ҳолида ўша сувдан ичишга улгурмасидан келиб қолади!
Қиёмат Соати киши таомини оғзига олиб борган ҳолида уни ейишга улгурмасидан келиб қолади”, дедилар.
Аммо Оллоҳ таолонинг энг суюкли бандаси ва сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам у Соатнинг қачон келишини аниқ айтмадилар, чунки “(Қиёмат Соати қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим фақатгина Оллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар (буни) билмайдилар”.
Яъни, Қиёмат Соати қачон қойим бўлиши Оллоҳдан ўзга ҳеч кимга маълум эмаслигини билмайдилар ёки у Соат қачон қойим бўлишини бил-маслик бандалар учун яхшилик эканини билмайдилар ёхуд умуман Қиёмат қойим бўлишини билмайдилар - ишонмайдилар.
16. Бас, (эй Мусо), ҳаргиз сени (Қиёматга) ишонмайдиган ва ҳавойи нафсига эргашган кимсалар ундан (яъни, Қиёмат бор эканига иймон келтиришдан) тўсмасинларки, у ҳолда ҳалок бўлурсан.
Яъни, эй Мусо, яна сени Қиёмат Соати борлигига иймон келтирмайдиган ва фақат ҳавойи нафсига эргашадиган кофир кимсалар у Куннинг келишига ишонишдан ва у Кун учун тайёргарлик кўришдан ҳаргиз тўсиб кўймасинларки, у ҳолда, яъни, агар сен уларнинг васвасаларига алданиб қоладиган бўлсанг, албатта ҳалокатга дучор бўлурсан. Ушбу оятларда гарчи Мусо алайҳис-саломга хитоб қилинган бўлса-да, муфассир уламолар айтишларича, барча муминлар ирода қилингандир. Ҳақ таоло мўмин бандаларини Охират Кунига иймон келтириш бобида собитқадам бўлишга буюради ва бу хусусда кофир-жоҳил кимсаларнинг сафсаталарига қулоқ солиш шак-шубҳасиз уларнинг ҳалокатларига сабаб бўлишини айтиб
қаттиқ огоҳлантиради.
17. Ана у - қўлингдаги нимадир, эй Мусо?!».
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло Мусо алайҳис саломга бевосита сўзлаб, солиҳ бандасига Ўзини танитиб, уни Ўзининг элчиси қилиб танлагани ҳақида хабар бергач, энди Мусо ўзининг оддий инсон эмас, балки Оллоҳ таолонинг пайғамбари бўлганига ишонч ҳосил қилиши учун унга илк Илоҳий мўъжизани кўрсатишни ирода қилди ва “эй Мусо, қўлингдаги ёғочни нима қиласан, яъни, уни нима учун кўтариб юрибсан?” деб, кўринишидан ўта содда саналадиган бир савол билан хитоб қилди. Албатта, барча нарсани Билгувчи Зотга Мусо қўлидаги нарса нима эканлиги ҳам, у қандай ишлар учун ишлатилиши ҳам маълум эди, лекин Жаноби Ҳақ худди ўша асо билан саноқли дақиқалардан сўнг буюк бир мўъжиза содир қилишидан илгари унинг худди бошқа асолар каби оддий бир ёғоч экан-лигини Мусонинг ўзидан эшитишни хоҳлагани учун унга мазкур саволни ваҳий қилди.
18. (Мусо) деди: “У менинг асойим, унга таянурман ва у билан қўйларимга (дарахтлардан барг) қоқиб берурман. Яна унда бошқа ишларим ҳам бор”.
Яъни, Мусо алайҳис-салом ушбу саволдан кўзланган мақсадни англагандек, қўлидаги ёғоч - юрганида таянадиган, дарахтларнинг шохларига уриб, қўйларига барг қоқиб берадиган ва яна бошқа керакли ишларига ишлатадиган бир оддий ҳасса эканини айтди. Ҳақ таолонинг хитобига “у менинг асойим” дейишлигининг ўзи етарли жавоб бўлгани ҳолда Мусо алайҳис-салом яна унинг қиладиган хизматларини ҳам санай бошлагани-нинг ҳикмати, муфассир уламолар тафсир қилишларича, у бутун борлиқнинг Эгасига жавоб бераётганидан бениҳоя завқланиб, У Зотга сўзлаётган гапи тезда тугаб қолмаслигини хоҳлаганидан эди. Қолаверса, ушбу ояти карима жавоб саволга нисбатан кўламлироқ бўлиши жоиз эканлигига бир далилдир. Бундай ҳолатга ҳадисларда ҳам кўп дуч келинади: Масалан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан денгиз сувида таҳорат олиш жоизми, деб сўралганида у зоти бобаракот: “Унинг суви поклагувчидир”, деб жавоб берганларидан сўнг яна: “унда ўлган нарса - балиқ, қисқичбақа каби жониворлар луқмайи ҳалолдир”, деб қўшиб қўйдилар. Яна бир аёл Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга гўдак боласини кўтариб келиб: “Мана шу бола учун ҳам ҳаж қилиш жоизми?” деб сўраганида, у зот: “Ҳа”, деб жавоб қилганларидан сўнг яна: “сен учун ҳам ажр бўлади”, дедилар.
19-20. (Оллоҳ) айтди: «Уни ташлагин, эй Мусо!» Бас, (Мусо) уни (Ерга) ташлаган эди, баногоҳ (мўъжиза юз бериб), у юрадиган - жонли илон бўлиб қолди.
Албатта, ушбу ақл бовар қилмас ҳодисанинг ҳикматлари бор эди.
Аввало Ҳақ таоло бу воқеа воситасида Мусо алайҳис-саломга Ўзининг нақадар буюк Қудрат Соҳиби эканини намойиш қилиб, у зотни зиммасига юкланган пайғамбарлик вазифасини адо этишга тайёрлашни ирода қилган - бир муддат ўтгач, золим подшоҳ фиръавн ва унинг одамлари олдида Мусо ўзининг ҳақ пайғамбарлигини исботлаш асносида катта майдонда айни мана шу мўъжизани кўрсатиш чоғида қўрқиб кетмаслиги учун мустаҳкам замин ҳозирлаган эди. Чунки башар табиатида илон, чаён каби ваҳший жонзотларни дафъатан кўрган пайтида кўрқувга тушиб қочиш бор нарсадир. Шунинг учун бу ҳодисага дафъатан дуч келганида Мусо алайҳис-салом ҳам қўрқиб кетди ва қочишга уринди лекин ушбу мўъжизанинг Эгаси уни тўхтатиб пайғамбарлар доимо Оллоҳ таолонинг ҳифзи-ҳимоясида бўлганлари боисидан ҳеч нарсадан қўрқмасликлари лозим эканини айтди. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада шундай хабар берилади: “Асойингни ташлагин!» Бас, қачонки (Мусо) унинг илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Шунда Биз дедик): Эй Мусо, қўрқмагин! Зеро, Менинг ҳузуримда пайғамбарларим қўрқмаслар” (Намл сураси, 10-оят).
21. (Оллоҳ) деди: “Уни (яъни, асойингни қайтадан қўлингга) ол! Кўрқмагин, Биз уни яна аввалги ҳолига қайтарурмиз”.
Шайх Абул-Қосим Ансорий раҳимахуллоҳ айтади: “Мусо алайҳис-саломнинг қуриган ёғочдан бўлган асоси тирик илонга айланиб қолганидан қўрқиб кетишининг ўзи унинг ҳақ пайғамбар эканлигига энг кучли да-лиллардан биридир. Чунки агар у, кофир кимсалар даъво қилганларидек бир сеҳргар бўлганида, қўлидаги асо илонга айланганида бунинг оддий кўзбўямачилик эканини билгани учун қўрқиб кетмаган бўлар эди”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Шундай қилиб Ҳақ таоло элчиси Мусо алайҳис-саломга Ўзининг илк мўъжизасини ато этди. Қуйидаги ояти каримада у зотга ато этилган иккинчи мўъжиЗа зикр қилинади -
22. Ва қўлингни қанотингга - қўлтиғингга тиққин, у ҳеч қандай ёмонликсиз, оппоқ-нурли бўлиб чиқур. (Бу) яна бошқа бир мўъжиза (бўлур).
Оятдаги “ёмонликсиз” калимаси муфассирларнинг айтишларича, “бирон касалликсиз” деган маънода бўлиб, одатда одамлар жирканадиган тери оқариб қолиши касалига дучор бўлмаган ҳолида деганидир. Ривоят қилинишича, Мусо алайҳис-салом ўзи қорамтир-буғдойранг киши бўлиб, қачон ўнг кўлини сўл қўлтиғига қисиб, сўнгра қайта чиқарганида, у қўл атрофга худди қуёш шуъласидек ўткир шуъла сочиб, қараган кўзни қамаштириб юборар ва ўз ёруғлиги билан уфқни тўсиб қўяр эди. Сўнгра қайтадан қўлтиғига солиб олганида эса, яна аввалги ҳолига - оддий қўлга айланиб қолар эди. (“Танвийрул-азҳон” тафсиридан).
23. Биз сенга (Ўзимизнинг нақадар Қудратли эканимизга ва сенинг ҳақ пайғамбар эканингга далолат қиладиган) буюк мўъжизаларимиздан (айримларини) кўрсатиш учун (шундай қилдик).
Ал-Исро сурасининг 101-оятида Ҳақ таоло: “Аниқки, Биз Мусога тўққизта очиқ оят-мўъжиза ато этдик”, деб хабар беради. Оллоҳ таоло бани Исроил қавмига элчи қилиб юборган Мусо алайҳис-саломга ато этилган мўъжизалардан бири, Мусонинг асоси - у ерга ташлаши билан одамлар кўз ўнгида ҳақиқий аждарҳога айланиб қоладиган, тошни урса, ундан чашма отилиб чиқадиган мўъжиза асо, иккинчиси, Мусонинг қўли - чўнтагидан чиқарганида оппоқ нур сочиб оламни ёритиб юборадиган, қўлтиғига қисиб олганида яна ўз ҳолига қайтадиган мўъжиза қўлдир. Бу икки Илоҳий мўъжиза ҳақида бошқа сураларда шундай дейилади: “Асойингни (ерга) ташлагин!» Бас, қачонки (Мусо асосини ерга ташлагач), уни илондек қимирлаганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонда бўлгувчи кишилардандирсан. Қўлингни чўнтагингга солгин, бирон зиён-дардсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни, қўлингни) қўрқувдан (яъни, агар бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг қўлтиғингга) қисиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас, шу иккиси (яъни, асойингни илонга айланиши ва кўлингни оппоқ бўлиб нур сочиши) Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар».” (Қасас сураси, 31-32-оятлар).
“Қўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бўлиб чиқур. (Бу мўъжизалар сен) Фиръавн ва унинг қавмига (олиб борадиган) тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.” (Намл сураси, 12-оят).
Қолган етти мўъжиза - Фиръавн одамларининг бошига тушган қаҳатчилик, дон-дун ва мева-чеваларнинг йўқ бўлиб кетиши, тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қон балолари бўлиб, бу ҳақда Аъроф сурасида хабар берилгандир: “Дарҳақиқат, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик.” (Аъроф сураси, 130-оят).
“Бас, Биз уларнинг устларига тўфон (сел), чигиртка, бит, бақа ва қон (балоларини Бизнинг Қудратимизга далолат қиладиган) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи - осий қавм бўлдилар.” (Аъроф сураси, 133-оят).
24. (Энди) сен Фиръавннинг олдига боргин! Чунки у ҳаддидан ошди (яъни, одамларга зулм қилиб, ҳатто «худоман», деб даъво қилди)».
Ҳақ таоло Мусо алайҳис-саломга Ўзининг Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ эканини танитиб, уни пайғамбарлик учун танлаганини эълон қилиб, мазкур икки оят-мўъжизасини ато этгач, ушбу элчисига илк элчилик вазифасини буюрди - ҳаддидан ошган, ҳатто ўзини худо деб даъво қилиб туғёнга тушган золим подшоҳ фиръавн олдига бориб, уни Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват этишни амр қилди. Фиръавн Миср мамлакатининг подшоҳи бўлиб, жуда узоқ муддат мобайнида, айрим ривоятларга қараганда тўрт юз йил давомида ҳукмронлик қилган, мамлакат фуқароларига беқиёс жабр-зулмлар кўрсатиб, уларни ўзига сиғинишга буюрган ва ҳатто “Сизларнинг энг юксак парвардигорингиз мен бўламан”, (Ван-нозиёт сура-си, 24-оят) дейишгача борган бир малъун махлуқ эди. Қачонки Оллоҳтаоло Мусо алайҳис-саломга ана ўша фиръавннинг олдига бориб уни Ҳақ Йўлга даъват қилишини буюрганида, Мусо ушбу бениҳоя оғир вазифани қабул қилар экан, Парвардигордан бир неча нарсаларни сўради -
25. (Мусо) деди: «Парвардигорим, Ўзинг қалбимни кенг қилгин;
Яъни, Парвардигорим, Сен менинг зиммамга ўта оғир вазифа - золимларнинг золими бўлган, сон-саноқсиз лашкарлари бор фиръавн олдига бир ўзим бориб, уни ва одамларини Ҳақ Йўлга даъват қилиш вазифасини юкладинг. Бас, энди Ўзинг мен ожиз қулингни ана ўша улуғ вазифани адо этишга қодир қилгин, юрагимни иймон нури билан мунавваркенг қилгин, Ўзинг ундан қўрқув ва сиқилишни олиб қўйгин.
Ояти каримада Мусо алайҳис-салом Парвардигордан юрагини кенг қилишни сўрагани албатта беҳикмат эмасдир. Зеро, юрак кенглиги мўмин бандага берилган улуғ неъматлардан биридир. Чунки иймон отлиқ бениҳоя буюк бойлик ўзининг барча талаб ва тақозолари билан фақат кенг ва соғлом юраккагина сиғади. Яъни, қай бир банданинг юрагини Оллоҳтаоло рўзи азалда кенг, кучли қилиб яратишни тақдир қилган бўлса, ана ўша банда иймон юкини кўтара олади, иймони белгилаб берган андозадан чиқмай ҳаёт кечиради ва ҳеч қандай шайтон уни йўлдан оздира олмайди, иймонсиз кимсалардан - улар қанчалар кўп ва кучли бўлмасинлар - асло қўрқмайди ва уларга бўйинсунмайди. Динсиз кимсаларнинг юраги эса, шу қадар тор-танг ва қоронғуки, унга турли-туман ҳою-ҳавас ва пуч орзу-хаёллар каби майда ва бефойда нарсалар сиғади-ю, аммо ҳеч қачон иймон сиғмайди. Бас, дунёда иймонсиз кимсадан ҳам бахтсизроқ кимса йўқдир. Чунки у ҳар қандай шарпадан, ҳатто ўзининг соясидан ҳам қўрқиб яшайди, унинг учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ, ҳар қадамида хиёнат ва разолат билан кун кечиради. Аммо юраги иймон нури билан кенг ва мунаввар бўлган мўмин эса, ана ўша бебаҳо бойлиги - иймонини соғ-омон сақлаш ва ҳимоя қилиш йўлида ҳар қандай душманга - агар бутун дунё унга душман бўлса ҳам - қарши тура олади ва охир-оқибатда бу тенгсиз тўқнашув-да албатта ғолиб чиқади. Мусо алайҳис-салом иймон билан куфр ўртасида бўладиган ана шундай тенгсиз тўқнашув олдида турганини ҳис этиб, Яратганга: “Ё Роббим, Ўзинг юрагимни кенг қилгин, золимнинг зулмидан кўрқишдан ва кофир кимсалар етказадиган озор-азийятлардан сиқилиб ноумидликка тушишдан халос этгин”, деб илтижо қилди. У яна деди -
26. Ишимни осон қилгин;
Яъни, Ўзинг зиммамга юклаган бу улуғ ишни - Сен буюрган Рисолат-вазифани буюрганингдек адо этишни мен учун осон қилгин. Чунки агар Ўзинг менга кувват бермасанг, ёрдам қилмасанг, бу ишни бажариш мен ожиз бандангнинг қўлимдан келмайди.
27-28. Тилимдан тугунни-дудуқликни ечиб юборгин; (Токи фиръавн ва унинг қавми) сўзимни англасинлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Мусо алайҳис-саломнинг тилида бир қадар дудуқлик бор бўлиб, бунга болалик чоғида рўй берган бир ҳодиса сабаб бўлган эди. Маълумки, Мусо, Оллоҳ таолонинг иродаси билан чақалоқлигидан фиръавн саройида унинг аёли Осиё қўл остида тарбияланиб вояга етади. Осиё иймонини кофир эридан сир тутган мўмина аёл эди. Кунлардан бирида фиръавн мурғак чақалоқ бўлган Мусони кўтариб турганида у фиръавнниг юзига уради ва соқолини юлабошлайди. Шунда фиръавн ғазабланиб: “Бу менинг душманим бўлади”, деб, уни қатл қилмоқчи бўлганида қўрқиб кетган Осиё: “Эй подшоҳ, ахир у ҳеч нарсага ақли етмайдиган гўдакку. Ишонмасанг уни синаб кўргин”, деб, бир лаганда чўғ ва яна бир лаганда дур-гавҳарларни келтириб Мусонинг олдига қўйиб қўяди. Мусо қўлини гавҳарга чўзмоқчи бўлганида Жаброил алайҳис-салом унинг қўлидан тутиб чўғ бор лаганга тўғрилаб қўяди, бас, Мусо бир дона чўғни ушлаши билан қўли куйиб, шошиб қолганидан уни оғзига солади ва ўша заҳоти тили куйиб, ўша-ўша тутилиб-дудуқланиб сўзлайдиган бўлиб қолади. (Курптубий ва Бағавий тафсирлари). Шу боисдан Мусо алайҳис-салом Оллоҳтаоло унга фиръавн олдига бориб уни Ҳақ Йўлга даъват қилишни буюрганида: “Парвардигор, Ўзинг мени дудуқлик дардидан халос этиб, тилимни бурро қилгин, токи мен даъват қиладиган кишилар сўзларимни яхши ва осон тушунсинлар”, деб дуо қилди.
29-30. Яна менга ўз аҳлим-уруғимдан бўлган Ҳорун оғамни вазир қилиб бергин.
Яъни, “Парвардигоро, мен бир ўзим Сенинг Амрингни уҳдасидан чиқишга ожизлик қиламан. Шунинг учун Ўзинг менга зиммамдаги вазифани тўла адо этишим учун ўз аҳлим-оиламдан бўлган оғам Ҳорунни вазир-ёрдамчи қилиб бергин”. Ҳорун Мусонинг туғишган оғаси бўлиб, жуда тили бурро - фасоҳат билан сўзлайдиган, кўркам сиймоли киши эди. Дарвоқеъ, Динни нашр қилишда пайғамбарлар албатта ёрдамчиларга муҳтож бўлганлар. Шунинг учун Ийсо алайҳис-салом ҳам яҳудийлар томонидан куфрни кўргач, “Оллоҳга (яъни, Оллоҳнинг Динига даъват қилишимда) ким менга ёрдамчи бўлур”, деди. Ҳаворийлар айтдилар: “Биз Оллоҳ(нинг Дини)га ёрдам бергувчилармиз”. (Ол-и Имрон сураси, 52-оятдан).
31-32. У билан белимни бақувват қилгин. Ва уни ишимда шерик қилгин. (Яъни, унга ҳам пайғамбарлик мартабасини ато этгин).
Ушбу оятлар оға-инилар бир-бирларининг белларига қувват бўлишлари лозимлигини уқтиради. Дарвоқеъ, шундай. Шу ўринда замонамизнинг буюк устозларидан бўлган домламиз Абдул-Ҳаким қори Марғилоний раҳимаҳуллоҳдан эшитганим бир ибратли сўз ёдимга тушди. Бир куни у зот хонадонимизга ташриф буюрганларида: “Ака-укаларингиз соғ-омонмилар?”деб сўрадилар. Мен: “Алҳамдулиллоҳ, яхшилар”, деб жавоб бердим. Дарҳақиқат, ўшанда икки акам ҳам, ёлғиз укам ҳам ҳаёт эдилар (лекин орадан кўп вақт ўтмай уччовлари ҳам бирин-кетин Олллоҳнинг Раҳматига қовушдилар, раҳимахумуллоҳ). Жавобимни эшитгач, устозимиз уларнинг ҳақларига дуо қилдилар ва: “Оға-инилар бир-бирларининг беллари-га қувватдирлар”, деб, бир ибратли воқеани айтиб бердилар: “Замона зайли билан ўз юртидан олисларда кун кечириб юрган бир кишига ота-онасидан жудо бўлгани ҳақида хабар келтирганларида сабр қилибди, аммо ёлғиз акаси вафот қилгани ҳақида хабар беришганида: “Вой белим”, деб юборган экан”.
Ҳақиқатдан ҳам оғалар инилар учун белнинг мадори бўлганлари учун бўлса керак, қадим ўтган замонда Мусо алайҳис-салом Яратганга “Оғам Ҳорун билан белимни қувватлантиргин”, деб дуо қилди ва унга ҳам ўзига ато этилган пайғамбарлик мартабасини ато этишини сўради.
33-34-35. Токи биз (иккимиз бир бўлиб) Сени кўпроқ поклаб-ибодат қилайлик; Ва Сени кўпроқ зикр қилайлик - эслайлик. Албатта Сен бизни Кўриб тургувчи бўлган Зотсан”.
Яъни, токи мен оғам Ҳорун билан ҳамкор бўлиб Сенга кўпроқ тасбеҳ айтайлик - Сенинг ҳар қандай айб нуқсондан Пок Муназзаҳ Зот эканингни эл оралаб юриб ҳаммага етказайлик, Ёлғиз Сенга ибодат қилишга барчани чорлайлик ва Сенинг Исмингни тилимизда ҳам, дилимизда ҳам, ёлғиз ҳолимизда ҳам, эл орасида даъват қилиб юрганимизда ҳам, золим фиръавн билан мунозара қилаётганимизда ҳам кўп зикр қилайлик, Сенинг Ёлғиз Ўзингга хос бўлган улуғ Сифатларингни одамларга кўпроқ ет-казайлик. Албатта Сен, ё Парвардигор, бизнинг аҳволимизни ҳам, душманларимизнинг аҳволини ҳам кўриб-билиб тургувчи Зотдирсан. Албатта менга буюрганинг рисолат вазифасини - золим подшоҳга Ҳақ Сўзни етказиш вазифасини оғам Ҳорун билан ҳамкор бўлиб адо этишимиз биз учун осонроқ бўлиши Ўзингга маълумдир, чунки унинг ёши мендан улуғроқ, тили гўёроқдир, ё Парвардигор, албатта Сенга ҳеч нарса махфий эмасдир.
36. (Оллоҳ) айтди: «Сўраган нарсаларинг сенга ато этилди, эй Мусо!
Юқоридаги (25-35-) оятларда Мусо алайҳис-салом Парвардигордан саккиз нарсани сўраган эди. У: “қалбимни кенг қилгин; ишимни осон қилгин; тилимдан тугунни-дудуқликни ечиб юборгин; огам Ҳорунни менга вазир-ёрдамчи қилиб бергин; уни белимга мадор қилгин; унга ҳам пайғамбарлик мартабасини ато этгин; у билан бирга Сенга кўпроқтасбеҳ айтадиган бўлайлик; у билан бирга Сени кўпроқ зикр қиладиган бўлайлик”, деб Роббул-аламийнга дуо-илтижо қилди.
Ушбу ояти каримада Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўз элчисининг сўраган барча нарсалари унга ато этилганини ваҳий қилди ва қуйидаги оятларда Мусога илгари, ҳали у чақалоқлик чоғида ато этган яна бошқа бир буюк Марҳаматини эслатади -
37-38-39-40. Биз сенга (гўдаклик чоғингда ҳам) яна бошқа бир инъом-марҳамат қилган эдик. Ўшанда сенинг онангга (шундай) ваҳий-илҳом юборгандик: “Сен уни (яъни, Мусони) сандиққа солиб, дарёга ташлагин. Бас, уни дарё (тўлқини) соҳилга отсин. (Шунда) уни Менинг ҳам, унинг ҳам душмани (бўлган Фиръавн) ушлаб олур”. (Эй Мусо, барчага суюкли бўлишинг) ва Менинг ҳифзу ҳимоямда униб-ўсишинг учун Мен сенинг устингга Ўз томонимдан бир муҳаббат ташладим (яъни, сени кўрган киши суюб қоладиган ёқимтой бола қил-дим). Ўшанда опанг (сени дарёдан ушлаб олган кишилар ортидан) юриб: “Сизларга бу (бола)га кафил бўладиган (яъни, уни эмизадиган аёлни) кўрсатиб қўяйми”, деганларини (эслагин)! Сўнг Биз сени кўзлари қувонсин ва ғамгин бўлмасин, деб онангнинг олдига қайтарган эдик. (Кейинроқ йигитлик чоғингда) бир жонни ўлдириб қўйганингда Биз сени бу ғамдан ҳам қутқарган эдик. (Кейин) Биз сени кўп синовлар билан имтион қилдик. Сен Мадян аҳли орасида ҳам (неча) йиллар турдинг; сўнгра (пайғамбар бўлишинг учун аниқ белгилаб қўйилган) тақдир сабабли (бу ерга) келдинг, эй Мусо!
Юқоридаги (37-40) оятларнинг тафсирида муфассирлар шундай ривоятни келтирадилар. Мунажжимлар Фиръавнга: “Сенинг мулку давлатинг бани Исроил қавмидан туғиладиган бир бола кўлида хароб бўлади”, дейишгач, у ўша қавмдан дунёга келган ҳар бир ўғил болани қатл қилишга буйруқ беради. Мусо алайҳис-салом ана ўша бани Исроил учун ҳалокатли бўлган қора йилларда таваллуд топади. Шунда чақалоғининг ҳалок бўлишидан ғамга ботиб қолган онага ғойибдан фармон келиб боласини бир сандиққа авайлаб соладида, уни Нил дарёсига қўйиб юборади. Иттифоқо ўша пайтда дарё соҳилида ўтирган Фиръавн оқиб келаётган сандиқни кўриб қолади ва ходимларига уни олиб чиқишни буюради. Хизматкорлар сандиқни олиб келишгач, очиб қарасалар, унинг ичида ойдек бир чақалоқ ухлаб ётибди. Шунда Фиръавн хотинининг меҳри тушиб қолиб, ундан болани ўғил қилиб олишга изн сўрайди. У рухсат бергач, болани саройга олиб бориб, шаҳардан бола эмизадиган аёлларни суриштириб топадилар. Лекин Мусо бирон аёлни эммайди. Шу пайт бир қиз келиб Фиръавннинг хотинига: “Мен сизларга шу болани эмизадиган бир аёлни олиб келаман”, дейди. У Мусонинг опаси бўлиб, уни боласи дарёда оқиб кетганидан сўнг ғам-андуҳга ботган она Мусо ҳақида бирон дарак топиб келиш учун шаҳарга юборган эди. У қиз саройда Мусони кўриб танигач, ўзининг ким эканлигини яшириб юқоридаги сўзларни айтади ва бориб дарҳол онасини етаклаб келади. Бу аёл кўкрагини тутганида чақалоқ дарҳол эма бошлаганини кўрган Фиръавннинг хотини бениҳоя хурсанд бў-либ, у аёлдан саройда қолишни илтимос қилади. Лекин у уйи ва бола-чақасини ташлаб кела олмаслигини айтиб, агар рози бўлсалар бу болани ўз уйида эмизиб катта қилиб беришга ваъда қилгач, ноилож қолган малика бу таклифга рози бўлади ва онага кўп хайру саховат кўрсатиб, болани унга кўшиб бериб юборади. Шундай қилиб Оллоҳ таолонинг Марҳамати билан бола туққан онасига қайтарилади. Агар эътибор берилса, бу қиссада яна бир ибратли жиҳат бордир. Фиръавн ўзини ҳалок қиладиган болани - Мусо алайҳис-саломни ўз қўли билан сувга ғарқ бўлишидан қутқариб қо-лади ва боқиб тарбиялайди. Шу маънода арабларда бир нақл ёйилгандир: «Ликулли Фиръавн Мусо - Ҳар Фиръавнга Мусо бор», яъни, ҳар қандай золим ҳокимнинг пешонасига Оллоҳ таоло уни йўқ қиладиган бир адолатпарвар - Ҳақсевар кишини ёзиб кўйгандир».
(Кейинроқ йигитлик чоғингда) бир жонни ўлдириб қўйганингда Биз сени бу ғамдан ҳам қутқарган эдик. (Кейин) Биз сени кўп синовлар билан имтион қилиб кўрдик. Сен Мадян аҳли орасида ҳам (неча) йиллар турдинг; сўнгра (пайғамбар бўлишинг учун аниқ белгилаб қўйилган) тақдир бўлиб (бу ерга) келдинг, эй Мусо!
Ушбу жумлаларда зикр қилинган воқеа ҳақида Қасас сурасида шундай хабар берилади: “(Кунлардан бирида Мусо) шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатда бўлган (пешин) пайтида кирган эди, унда икки киши урушаёт-ганини кўрди. (Улардан) бири ўзининг жамоатидан (яъни, бани Исроил қавмидан) ва бири душманидан (яъни, қибтийлардан) эди. (Бас, Мусонинг) жамоатидан бўлган киши душман томондан бўлган кимсага қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб уни ўлдириб қўйди. (Сўнг қилиб кўйган ишидан пушаймон бўлиб), деди: «Бу шайтоннинг ишидандир. Албатта у йўлдан ургувчи очиқ душмандир». (Кейин Оллоҳга илтижо қилиб), деди: «Парвардигорим, дарҳақиқат, мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди Ўзинг мени мағфират қилгин». Бас, (Оллоҳ) уни мағфират қилди. Албатта Унинг Ўзигина Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир. У (яна) деди: «Парвардигорим, Сен менга қилган инъоминг ҳаққи-ҳурмати энди ҳаргиз жиноятчи кимсаларга ёрдам қилгувчи бўлмасман». Бас, у эрта тонгда шаҳарда қўрқувга тушиб, (бирон кори ҳолга) кўз тутган ҳолда кетаётган эди, баногоҳ кеча ундан ёрдам сўраган (бани Исроил қавмидан бўлган) кимса яна (бир қибтий билан урушаётганини ва яна) уни ёрдамга чақираётганини (кўрди). Мусо унга деди: «Дарҳақиқат, сен аниқ гумроҳдирсан». Энди у ўзларига душман бўлган кимсани (яъни, қибтийни) ушламоқчи бўлган эди, (Мусо энди мени урмоқчи шекилли, деб гумон қилган бани Исроилдан бўлган кимса): «Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганингдек (бугун) мени ҳам ўлдирмоқчимисан?! Сен фақат Ер юзида жабру зулм қилгувчи бўлмоқчисан. Сен ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамайсан», деди”. (Қасас сураси, 15-19-оятлар).
Нақл қилинишича, Мусо алайҳис-салом ўртага тушиб қибтий билан исроилийни ажратиб қўйгач, бир кун илгари ўлдирилган қабиладошининг қотили Мусо эканидан хабар топган қибтий бориб Фиръавн ва унинг одамларига бу ҳақда сўзлаб беради. Шунда Фиръавн Мусо алайҳис-саломни қатл қилишга буюриб, уни топиб келиш учун одамларни юборади. Лекин қибтийлар орасидаги бир диёнатли киши келиб, Мусони бу ҳақда огоҳлантириб қўяди. Қуйидаги оятда шу тўғрисида ҳикоя қилинади.
“Шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб: «Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқда-лар. Бас, сен (бу шаҳардан) чиқиб кетгин. Албатта мен сенга холис бўлган кишилардандирман», деди. Бас, у қўрқувга тушиб, (ортидан етиб келиб қолишларига) кўз тутган ҳолда у ердан чиқиб, деди: «Парвардигорим, Ўзинг менга бу золим қавмдан нажот бергин». Ва қачонки Мадян (шаҳри) томонга юзлангач, деди: «Шояд Парвардигорим мени Тўғри Йўлга ҳидоят қилса». Қачонки у Мадяннинг сувига - қудуғига етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан қуйироқда икки аёл (ўз қўйларини сувдан) тўсиб турганларини кўриб: «Сизларга не бўлди (яъни, нега қўйларингизни суғормай турибсизлар)?», деди. Улар: «Биз то подачилар (молларини) қайтармагунча суғора олмаймиз. Отамиз эса қари чол (яъни, қўйларимизни суғоргани кела олмас)», дедилар. Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди. Сўнгра (бир четдаги дарахт) соясига бориб (ўтириб), деди: «Парвардигорим, мен Ўзинг (ҳузуринг-дан) мен учун нима яхшилик (яъни, ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман». (Қасас сураси, 20-24-оятлар).
Муфассирлар ёзишларича ҳазрати Мусо алайҳис-салом Фиръавн қавмидан ёлғиз, бечора, оч ва даҳшатга тушган ҳолда қочиб чиққанида айтдики: «Парвардигор, ёлғизман, хастаман, бечораман!» Шунда унга жавоб бўлди: «Эй Мусо, Мендек дўсти бўлмаган киши ёлғиздир, Мендек табиби бўлмаган одам хастадир. Мен билан алоқасини узган кимса бечорадир!»
41. Мен сени Ўзим(нинг элчим бўлишинг) учун яратганман.
Яъни, эй Мусо, билгилки, Мен сени яратиб, сўнгра турли синовлар билан имтиҳон қилиб, улуғ бир вазифа учун тарбияладим, чунки Мен сени Ўзим учун элчиликка танлаганман. Энди сенинг зиммангдаги вазифа Мен нозил қилган ваҳийни одамларга етказиш, уларни Ҳақ Йўлга даъват қилишдир.
42. (Эй Мусо), сен оғанг (Ҳорун) билан бирга Менинг оят-мўъжизаларимни (одамларга) олиб боринглар ва Менинг зикримда сусткашлик қилманглар!
Муфассирлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишларича, ояти каримадаги “оят-мўьжизалар”дан мурод, Оллоҳтаоло Мусо алайҳис-саломга унинг ҳақ пайғамбар эканлигига далил қилиб ато этган тўққиз мўъжизадир. “Аниқки, Биз Мусога тўққизта очиқ оят-мўъжиза ато этдик. Сўнг у (яъни, Мусо Фиръавн ва унинг одамлари олдига) келган пайтида, (унга): «Бани Исроилни (ўз юртлари - Шомга қўйиб юборили-шини Фиръавндан) сўрагин», (деб амр этдик). Шунда Фиръавн унга: «Эй Мусо, мен сени шак-шубҳасиз сеҳр-жодуга чалинган, деб ўйламоқдаман», деди”. (Ал-Исро сураси, 101-ояти).
“Аниқки, Биз Мусога тўққизта очиқ оят-мўъжиза ато этдик”. Ол-лоҳтаоло бани Исроил қавмига элчи қилиб юборган Мусо алайҳис-саломга ато этилган мўъжизалардан бири, Мусонинг асоси - у ерга ташлаши билан одамлар кўз ўнгида ҳақиқий аждарҳога айланиб қоладиган, тошни урса, ундан чашма отилиб чиқадиган мўъжиза асо, иккинчиси, Мусонинг қўли - чўнтагидан чиқарганида оппоқ нур сочиб оламни ёритиб юборадиган, қўлтиғига қисиб олганида яна ўз ҳолига қайтадиган мўъжиза қўлдир. “Қўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бўлиб чиқур. (Бу мўъжизалар сен) Фиръавн ва унинг қавмига (олиб бора-диган) тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.” (Намл сураси, 12-оят).
Қолган етти мўъжиза - Фиръавн одамларининг бошига тушган қаҳат-чилик, дон-дун ва мева-чеваларнинг йўқ бўлиб кетиши, тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қон балолари бўлиб, бу ҳақда Аъроф сурасида хабар берилгандир: “Дарҳақиқат, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олиш-лари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик.” (Аъроф сураси, 130-оят).
Мазкур мўъжизалар ҳақида Аъроф сурасининг 130-133-оятлари тафсирида батафсил айтиб ўтилди.
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг давомида Ҳақ таоло Ўзи элчиликка танлаган Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломга зиммаларидаги вазифани бекаму кўст адо этишлари учун энг зарур ва муҳим бўлган бир амалда ҳеч қачон сусткашлик қилмасликларини буюрди - уларга ҳар доим Оллоҳнинг зикрида бардавом бўлишларини амр қилди. Чунки доимо тилида Оллоҳ таолони зикр қилиб, қалбида Оллоҳ таолони ёд этиб юрган киши ушбу зикр шарофатидан руҳан бақувват бўлади, ҳар қандай машаққатга бардош бера олади ва Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч кимнинг олдида тиз чўкмасдан мақсад сари интилади ҳамда Оллоҳнинг мадади билан кўзлаган мақсадига албатта эришадики, ушбу Илоҳий панд-насиҳатга оғир синов-лар олдида турган Мусо ва Ҳорун алайҳис-саломлар жуда муҳтож эдилар.
43-44. Иккингиз Фиръавннинг олдига боринг, чунки у («Мен худоман», деб) тугёнга тушди. Бас, сизлар унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд у панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида ривоят қилинишича, Мусо ва Ҳорун пайғамбарларга ушбу Илоҳий Фармон буюрилганида Ҳорун алайҳис-салом Мусо алайҳис-саломнинг ёнида эмас, балки Мисрда эди. Бас, Оллоҳ таоло унга ваҳий юбориб, Мусони Мисрда кутиб олишни ва икковлон ўзини худо деб ҳаддидан ошган, бани Исроил қавмига бениҳоя зулм қилаётган подшоҳ фиръавннинг олдига боришларини амр қилди ҳамда у золимга ҳеч қандай қаттиқ-кўпол сўз айтмасдан хуш муомала қилишларини буюрди. Мусо алайҳис-салом фиръавнга қандай сўзлар айтиши лозимлиги ҳақида бошқа бир сурада шундай хабар берилади: “(Эй Мусо), сен Фиръавннинг олдига боргин, чунки у (куфру исён билан) ҳаддидан ошди. Бас, (унга) айтгин: «Сенинг (куфр иллатидан) покланишга рағбат-хоҳишинг борми? Мен сени Парвардигоринг (Йўли)га ҳидоят қилсам, бас, сен (У Зотдан) қўрқсанг”. (Ван-нозиот сураси 17-19-оятлар).
Суддий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, Мусо алайҳис-салом оғаси Ҳорун алайҳис-салом билан бирга Фиръавн олдига бориб, Ҳақ таоло буюрганидек унга юмшоқ сўзларни айтди ва агар у Мусо ва Ҳоруннинг даъватини қабул қилиб Ёлғиз Оллоҳга иймон келтирадиган бўлса, ҳеч қачон қаримасдан доимо ёш навқиронлигича қолишини, то ўлгунича подшохдик қўлидан кетмаслигини, сўнгги соатига қадар ейиш, ичиш ва жинсий ҳаётдаги лаззат уни тарк этмаслигини, ўлганидан кейин эса жаннатга киришини ваъда қилди. Оллоҳнинг элчилари айтган бу ёқимли сўзлар фиръавнга маъкул кўринди-ю, аммо у ҳеч бир ишни вазири Ҳомонга мас-лаҳат солмасдан қабул қилмас эди. Ўша пайтда Ҳомон ҳозир бўлмагани учун уни кутди келиши билан унга Мусо алайҳис-саломнинг сўзларини айтиб: “Мен унинг сўзларини қабул қилмоқчиман”, деди. Шунда Ҳомон: “Мен сени ақл-фаросат эгаси деб ўйлар эдим. Ахир сен худосанку, энди қул бўлишни истамоқдамисан?! Сенга ҳамма ибодат қиладику, наҳотки энди ўзинг бошқага ибодат-қуллик қилишни истасанг?!” деб унинг фикрини тамоман ўзгартириб юборди ва Фиръавн яна ўз зулму туғёнига ботганича қолаверди. (“Тафсири Бағавийдан).
Ояти каримадаги “Шояд у панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса” жумласи тафсирида Ҳусайн ибн Фазл раҳимаҳуллоҳ: “Ушбу сўзлар Фиръавнга тааллуқли эмас, чунки унинг ҳеч қачон панд-насиҳатни қабул қилмаслиги Ҳақ таолога азалдан маълум эди, балки жумланинг мазмуни - одамларни Ҳақ Йўлга даъват этишда қўполлик қилинмасдан юмшоқ сўзлар билан даъват қилинган тақдирдагина уларнинг орасидан панд-насиҳат олгувчилар ёки Оллоҳ таолодан қўркувчи кишилар чиқиши умид қилинади, деганидир”, дейди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Дарвоқеъ, бошқа бир сурада ҳам Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига хитоб қилиб, буюради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингизнинг Йўлига - Динига донолик - ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (яъни, Сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал тарзда мужодала - мунозара қилинг! Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг Йўлидан озган кимсаларни жуда яхши Билгувчидир ва У Зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши Билгувчидир.” (Наҳл сураси, 125-оят).
45. Улар дедилар: “Парвардигоро, дарҳақиқат, биз (агар уни Сенга иймон келтиришга даъват этсак), у бизга шошқалоқлик қилишидан (яъни, шошқалоқлик бизни азобга гирифтор қилишидан) ёки бадтар туғёнга тушишидан қўрқмоқдамиз”.
Яъни, Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом Оллоҳ таолога илтижо қилиб: “Ё Парвардигор, албатта, биз Сен зиммамизга юклаган рисолатни сўзсиз адо этурмиз, лекин фақат бир нарсадан қўрқувимиз бор - агар биз уни Сенинг Танҳо Маъбуд эканлигингга иймон келтиришга ва Ёлғиз Ўзингга ибодат қилишга даъват эта бошласак, у золим подшоҳ сўзимизни охиригача эшитмасдан жазавага тушиб, Сен бизга ато этган мўъжизаларни ҳам кўришни хоҳламасдан бизни бирон азобга гирифтор қилмасмикан, оқибат-натижада даъватимиз тамомига етмасдан, мўъжизаларимиз ҳам кўрсатилмасдан қолиб кетмасмикан?” деган эдилар -
46. (Оллоҳ) айтди: “Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз, Мен сизлар билан биргаман - (барча нарсани) эшитиб, кўриб турурман.
Уламолар айтадилар: “Қачонки Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломнинг қалбларида инсон табиатида бор бўлган кўркув ҳисси пайдо бўлгач, Оллоҳ таоло ушбу ояти карима билан уларни хотиржам қилди ва Ўзи улар билан бирга экани, яъни, ҳар қандай бало-офатдан уларни ҳифзу ҳимоясида асраши ҳамда улар билан Фиръавн ўртасида бўладиган барча гап-сўз ва воқеаларни эшитиб-кўриб туриши, бинобарин, у золим подшоҳ на уларга ва на уларнинг қавми бўлган бани Исроилга бирон зиён етказа олмаслиги ҳақида хабар берди.
Ушбу оятлар Мусо алайҳис-салом ҳеч нарсадан кўрқмас эди, деган гап хато эканлигига далилдир. Балки душмандан хавфсираш пайғамбарларнинг суннатларидан эканлиги ҳақида Қуръони Каримнинг бошқа оятларида ҳам хабарлар келгандир: “Шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб: “Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, сен (бу шаҳардан) чиқиб кетгин. Албатта мен сенга холис бўлган кишилардандирман», деди. Бас, у қўрқувга тушиб, (ортидан етиб келиб қолишларига) кўз тутган ҳолда у ердан чиқиб, деди: «Парвардигорим, Ўзинг менга бу золим қавмдан нажот бергин”. (Қасас сураси, 20-21-оятлар). “Бас, Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилган эди; Биз айтдик: «Кўрқмагин! Албатта сен ўзинг ғолиб бўлгувчисан”. (Тоҳа сураси, 67-68-оятлар).
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Хандақ жангида мусулмонларни душман ҳужумидан асраш учун шаҳар атрофига хандақ кавлатганлари ёки саҳобайи киромнинг Макка мушриклари томонидан бўлиши кутилган суйиқасдлардан хавфсираганлари учун Расулулллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг изнлари билан аввал Ҳабашистонга, сўнгра Мадинага жонларини ва динларини омон сақлаш учун ҳижрат қилганлари ҳам душманнинг ёмонлигидан хавфсираш ва хавф-хатар бор жойда албатта эҳтиёт чораларини кўриш суннат амаллардан эканлигини кўрсатади. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломда ҳам худди шундай қўрқув ҳисси пайдо бўлганида Ҳақ таоло уларни хотиржам қилиб, буюрди -
47-48. Бас, сизлар унинг олдига бориб айтинглар: «Биз сенинг Парвардигоринг юборган элчилардирмиз. Бас, сен бани Исроил (қавмини) биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни азобламагин. Биз сенга Парвардигоринг томонидан оят-мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашган кишиларга тинчлик-омонлик бўлур. Бизга ваҳий қилиндики, (Оллоҳнинг оятларини) ёлғон деган ва (уларга иймон келтиришдан) юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур».
Яъни, сизлар ҳеч қўрқмасдан, ҳайиқмасдан у золимнинг саройига кириб, унга рўбарў бўлинглар ва айтинглар: “Бизни хузурингга сенинг Роббинг элчи қилиб юборди. Бас, сен қўл остингда бўлган бани Исроил қавмини азоблашни, яъни, улардан янги туғилган ўғил болаларини қириб, қиз-ларини тирик қолдиришни, катталарини эса, тоқат қилиб бўлмайдиган оғир-машаққатли ишларга буюришни тўхтатиб, уларни бизга қўшиб озод қилиб юборгин. Биз сенинг олдингга ўзимизнинг ҳақиқатдан ҳам Оллоҳ таоло юборган элчилар эканлигимизга далолат қиладиган оят-мўъжизалар билан келганмиз. Билгилки, ким Оллоҳ таоло буюрган Тўғри Йўлга юрадиган бўлса, фақат ана ўша киши ҳар икки дунёда У Зотнинг азоб ва ғазабидан омонда бўлур. Бизга нозил қилинган ваҳийда кимда-ким Оллоҳ таолонинг оятларини ёлғончи қиладиган ва уларга иймон келтиришдан юз ўгирадиган бўлса, ундай кимсалар албатта дунёда ҳалокатга, Охиратда эса, жаҳаннамдаги мангу азобга гирифтор қилинишлари айтилган”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Ушбу оятлар Оллоҳ таолони Танҳо Маъбуд деб эътиқод қилган ва Унинг элчи-пайғамбарларига иймон келтирган муваҳҳид инсонлар учун бениҳоя умидбахш оятлардир”, дейди. (“Тафсири Куртубийдан).
Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломдан бу сўзларни эшитган фиръавн: “Қани ўша келтирган мўъжизаларинг?” деб сўраганида Мусо алайҳис-салом бир сўз демай қўлини кўйлаги чўнтагига солиб қайта олган эди, у қуёшнинг нуридан ҳам ўткирроқ нур сочувчи оппоқ қўлга айланди, ҳолбуки, Мусо ўзи қора мағиз киши эди. Бу мўъжизани кўрган фиръавн ҳайратда қолди. Мусо алайҳис-салом яна бир оят - асо мўъжизасини кўрсатмасдан кейинга, одамлар тўпланадиган кунга олиб қўйди. Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломнинг оят аввалида келган “Биз сенинг Роббинг-Парвардигоринг юборган элчилардирмиз”, деган сўзлари фиръавннинг “мен одамларнинг роббилари бўламан”, деб қилган даъвоси ботил даъво эканлигига, аксинча унинг ҳам, барча оламларнинг ҳам Робби-Парвардигори Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эканлигига ишора қилиш учун айтилди. Ле-кин ўзини Худо фаҳмлаган у золим подшох бу ишорани тушунишдан ожиз эди, шунинг учун -
49. (Улар Фиръавн олдига келиб юқоридаги сўзларни айтишгач) у деди: «Энди (менга айтингларчи), сизларнинг Парвардигорингиз ким, эй Мусо?»
Яъни, туғён ва залолатда ҳаддан ошган у гумроҳ Оллоҳ таолонинг элчиларидан “Бизни Сенинг Парвардигоринг юборди”, деган сўзларни эшитганидан кейин ҳам “ўша сизларни юборган Парвардигорим ким ўзи?” деб сўраш ўрнига: “ўша сизларни элчи қилиб юборган Парвардигорингиз ким ўзи? Менга у ҳақда хабар беринглар-чи? Наҳотки сизларни мендан бошқа ҳам Парвардигорингиз бўлса?” деган эди -
50. (Мусо) айтди: «Парвардигоримиз ҳар бир нарсага ўз хилқатини ато этиб, сўнгра (уни) Тўғри Йўлга солиб қўйган Зотдир».
Яъни, бизнинг Парвардигоримиз шундай тенгсиз Улуғ Зотки, коинотдаги барча нарсани яратиб - йўқдан бор қилиб, сўнг яратган ҳар бир нарсасига алоҳида хилқат - салоҳият ва шаклу сурат берди, ҳар бир яралмишга ўз жуфтини ато этди, сўнгра улардан ҳар бирига ўзининг вазифасини адо этиши учун йўл кўрсатди.
Заҳҳок раҳимаҳуллоҳ ояти каримадаги “Парвардигоримиз ҳар бир нарсага ўз хилқатини ато этди” жумласини қўлга ушлаш, оёққа юриш, тилга сўзлаш, кўзга кўриш, қулоққа эшитиш неъматини ато этди, деб тафсир қилади.
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ бўлса, “Ҳар бир нарсага алоҳида сурат ато этди, инсоннинг жисму суратини бошқа жонзотлар сурати каби қилмади, бирон жонзотни инсон каби гўзал суратли қилиб яратмади, сўнгра ҳар бир яралмишга ейиш, ичиш, кўпайиш каби манфаатлари йўлини кўрсатиб қўйди”, дейди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Мусо алайҳис-саломнинг Парвардигори оламни таърифлаб айтган бу сўзлари замирида фиръавнга “Эй сен, худолик даъво қилаётган гумроҳ кимса, қани айтгин-чи, ўзинг бирон-бир нарсани яратганмисан?! Яратгувчи Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзику, бас, нега сенУнга иймон келтирмай-сан?!” деган киноя бор эди. Албатта, золим подшоҳ бу кинояни жуда яхши англади ва Мусонинг бу сўзлари одамларга етиб борадиган бўлса, ўзининг бирон бир нарсани яратишга қодир бўлмай туриб худоман деб қилган даъвоси ботил даъво эканлиги ҳаммага ошкор бўлишидан қўрқувга тушиб, сўзни тезроқ бошқа томонга - мавзуга, мутлақо алоқаси бўлмаган томонга буриб юборишга шошилди -
51-52. (Фиръавн) деди: “У ҳолда аввалги аср-авлодларнинг аҳволи нима бўлган?” (Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобда - Лавҳул-Маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас».
Ҳақиқатан, фиръавннинг бу ўринсиз саволи - Парвардигорнинг Танҳо Холиқ ва Раззоқ Зот эканлиги таърифланиб турган бир вақтда ҳеч кутилмаганда сўзни бошқа ёққа буриб Мусо алайҳис-саломдан “бўлмаса олис ўтмишда ўтган одамларга нима дейсан”, деб сўраши баайни машхур латифадаги боққа ўғирликка кириб қўлга тушиб қолган афандининг “Нега ўғрилик қиляпсан?” деган боғбонга: “Бўлмаса нега ўзинг хотинингга кавуш олиб бермадинг?” деганига ўхшар эди. Чунки Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом у золим подшоҳ олдига инсоният тарихини ўргатгани юборилган эмасдилар ва умуман, олис-яқин ўтмишда, яъни, ғайб оламида бўлиб ўтган воқеа ҳодисалардан албатта хабардор бўлиш элчилик вазифаси эмас эди. Шунинг учун ҳам Мусо алайҳис-салом унинг саволига жавоб ўрнида ояти каримада зикр қилинган сўзларини айтди ва бу билан ўтганлар тақдири қандай бўлгани - улар қилган қилмишлари учун ҳаёти дунёда қандай жазога мустаҳиқ бўлганлари ҳам, Охиратда уларни қандай жазо кутиб тургани ҳам Оллоҳтаоло хузуридаги бўлган ва бўладиган барча нарса битилган, ҳеч қачон ўчиб кетмайдиган, йўқ бўлмайдиган мангу Китобда - Лавҳул-Маҳфузда борлигини, бинобарин улар барча нарсани Билгувчи Зотнинг ҳақли жазосидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмасликларини - Оллоҳ таоло ҳеч қачон адашмаслигини ва ҳеч нарсани унутмаслигини айтиб, гўё фиръавнни сен ҳозир ўтганларнинг ғамини ейиш ўрнига ўз тақдирингни ўйлагин ва Парвардигорнинг ғазабига гирифтор бўлиб қолмаслик учун У Зотга иймон келтиргин, деб огоҳлантирди.
“Маолимут-танзил” тафсирида Мусо алайҳис-салом фиръавннинг аввалги асрларда ўтганлар ҳақида берган саволига жавоб қилмасдан “Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобда”, дейишига сабаб, дарҳақиқат, ҳали Мусо ғайб оламида бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалардан бехабар эди, чунки Таврот Китоби унга фиръавн ва қавми сувга ғарқ қилиб юборилганидан кейин нозил бўлган эди, дейилади.
53-54. У Зот Ерни сизлар учун бешик - қароргоҳ қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир - қор) ёғдирди. Бас, у (сув) ёрдамида турли наботот навларини ундириб чиқардик. Сизлар (улардан) енглар, чорваларингизни боқинглар. Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир.
Муфассирлардан Қуртубий ва Бағавий ўз тафсирларида ушбу ояти кариманинг аввалги жумласида Ҳақ таоло Мусо алайҳис-саломнинг фиръавнга айтган сўзларини нақл қилиб келтирганини, иккинчи жумла ва кейинги оятда эса, Ўз томонидан хабар бериб, инсониятга ато этган Ер, сув каби неъматлари қандай бебаҳо неъматлар эканини яна бир бор эслатганини айтганлар. Ушбу ояти каримада эслатилган мазкур буюк неъматлар бошқа оятларда ҳам зикр қилинган: “У Зот сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Оллоҳга тенглаштирмангиз!” (Бақара сураси, 22-оят).
Оллоҳ таолонинг биз ибодат-куллик қилишимизга лойиқ ва мустаҳиқ бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ экани фақат У бизни йўқдан бор қилгани яратгани учунгина эмас, балки ато этган яна бошқа санаб саноғига етиб бўлмайдиган неъматларига шукрона келтириш учун ҳам барча махлуқот, хусусан инсоният Яратганга ибодат қилиши фарздир. Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолиши ҳеч қандай ақлга сиғмайдиган, шу билан баробар Оллохдан ўзга ҳеч ким «мен яратганман», деб даъво қилиши мумкин бўлмаган уч буюк неъматини эслатади. Улардан бири оёғимиз остидаги қароргоҳимиз, бизга ҳаётлик пайтимизда устидан, ўлгани-миздан кейин бағридан жой берадиган она замин - Ер бўлса, яна бири устимиздаги том - гумбаз янглиғ ташқаридан - бошқа сайёралар томонидан келадиган ҳар қандай зиён-офатлардан бизни ҳимоя қилиб турадиган осмон, учинчиси эса, Ердаги барча жонзотларнинг ва хусусан биз инсонларнинг ризку насибамиз манбаи бўлмиш, осмондан ёғадиган оби ҳаёт - сув неъматидир. Демак, инсонларни, Еру осмонларни ва улардаги бор нарсани яратишда бирон ёрдамчига муҳгож бўлмаган Оллоҳ субҳонаху ва таолонинг тенгги бўлиши мутлақо мумкин эмас. Шунингучун ҳам оят ниҳоясида «Бас, билиб туриб ўзгаларни Оллоҳга тенглаштирмангиз!» деб буюрилади.
Ояти каримада мазкур бўлган яна бир неъмат, Ҳақ таоло Ер юзи бўйлаб катта-кичик йўлларни пайдо қилиб қўйганидир. Зотан, айланма узоқ бўлса ҳам йўлдан юринглар, нотинч бўлса ҳам шаҳарда туринглар, ёмон бўлса ҳам бикрга уйланинглар, деб бекорга айтилмаган. Чунки йўллар одамлар адашиб қолмасдан кўзлаган манзилларини осон топишларига сабаб бўладиган ва уларнинг узоқларини яқин қиладиган катта кулайлик - неъмат бўлиб, аксинча йўлсизлик ёки йўлни йўқотиб кўйиш эса, кўп ҳолларда кишининг ҳалокатига сабаб бўладиган чўнг балодир. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган: “Биз Ер (одамларни) тебратмасин учун унда тогларни (пайдо) қилдик ва Тўғри Йўлни топишлари учун унда кенг дара-йўллар қилдик.” (Анбиё сураси, 31-оят).
“Ва (у йўлларга) белгилар (қилиб кўйди. Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан йўл топурлар”. (Наҳл сураси, 16-оят).
Яъни, Меҳрибон Парвардигоримиз нафақат Ерда йўлларни пайдо қилди, балки йўловчилар адашиб қолмасликлари учун у йўлларга турли аломат-белгиларни ҳам қўйиб қўйди. Албатта, бу ўринда сўз одамлар йўл четига қоқиб кўядиган кўрсатгичлар ҳақидагина эмас, балки йўллар атрофида жойлашган, йўловчини қай тарафга қараб кетаётганини ўрнашган жойидан жилмасдан кўрсатиб турадиган тоғлар ва тинмасдан эсиб, мусофирларга қаёқ шарқ-у қаёқ ғарб эканини эслатиб турадиган шамоллар каби катта белги-аломатлар ҳақида ҳам бормоқда. Тун зулматларида эса, сафарга чиққан кишилар хоҳ қуруқликда бўлсин, хоҳ денгизда самога “илиб қўйилган чироқлар” - юлдузларга қараб кўзлаган манзилларига олиб борадиган йўлларни адашмасдан топиб оладилар.
Сўнгра Оллоҳ азза ва жалланинг яна бир неъмати Илоҳийяси зикр қилинади. У сув неъматидир. Жонли-жонсиз барча мавжудот муҳтож бўлган сув ҳам осмондан тушишининг ўзи буюк мўъжизадир. Ҳақ таоло бошқа бир оятида ҳам сув, уни кўтариб турган булут ва булутни ҳайдаб юрган шамол ҳақида айтган: “ва Оллоҳ осмондан туширган - сўнг у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бор жонзотни (Ер юзига) тарқатиб - ёйиб юборган - сув деган неъматда” - унинг оби ҳаёт эканлигида, барча тирик жон у сабабли дунёга келишида, Ер юзи у билан обод бўлишида, ўлик Ерни тирилтиргани каби тирик жонзотларни, жумладан инсонларни Оллоҳ белгилаб қўйган соатгача ўлмай яшашлари учун ўша сув тириклик манбайи эканлигида, денгиз-дарёлардан буғ ҳолида кўкка кўтарилганидан кейин осмонда сувга айланишида, сўнгра қор, дўл, ёмғир суратида буюрилган жойларга ёғиб, ўлик Ерни тирилтиришида, бу оби ҳаёт ўша буюрилган жойларга етиб бориши учун хизмат қиладиган, Яратганнинг лашкарларидан бўлмиш “шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда” - бу шамоллар ва булут тўғри келган жойга эмас, балки, фақат Ҳақ таоло амр қилган тарафга қараб юриб, Яратганга итоат этишида - мана шу юқорида зикр қилинган, ҳар бир инсоннинг кўз ўнгида рўй бераётган ажойиботда, Оллоҳ таолонинг бениҳоя Қудратли, Ҳикматли ва бандаларига Меҳрибон Зот эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турган мана шу мўъжизаларда, албатта, ақлли кишилар учун оятлар - Оллоҳнинг Борлигига, Бирлигига ёрқин далил бўладиган аломатлар бордир.
Ушбу ояти каримада ҳам Ҳақ таоло бандалари учун ризқ бўлсин деб, ўлиб колган ерни тирилтириш ва сўлиб қолган гиёҳларни гуллатиб-яшнатиш учун осмондан сув-ёмғир туширганини ва мана шу бир хил сув сабабли шакл, ранг ва мазаси турли-туман мевалар чиқарганини зикр қилади.
Бу ҳақда бошқа оятларда шундай дейилган: “Бу Ерда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак (яъни, бири унумдор, бири шўр ерлар), узум-зор боғлар, экинзорлар ва шохлаб кетган-шохламаган хурмолар бўлиб, (уларнинг ҳаммаси ҳам) бир сув билан суғорилур. (Лекин) Биз уларнинг айримларидан айримларини таъмлироқ-ейишлироқ қилиб қўюрмиз. Албатта, бунда ҳам ақл юргизадиган қавм учун (Оллоҳнинг Қудратига далолат қиладиган очиқ) оят-ибратлар бордир”. (Раъд, 4-оят).
Дарвоқе, оёғимиз остидаги Ерга ибрат назари билан боқайлик, ақл юритайлик. Нега бир ердан, бир хил сув ичиб чиқаётган экинлар, меваларнинг суратлари - кўринишлари бу қадар хилма-хил, таъмлари - мазалари мутлақо бир-бирларига ўхшамайди - бири тотли, бири аччиқ, бири ширин, бири нордон... Демак, гап Ер билан сувда эмас, балки Еру сувни ҳам, тоғ ва дарёларни ҳам, қуёш ва ойни ҳам Эгаси бўлган Оллоҳ таолонинг Қудрат ва Иродасида, Еру осмондаги барча нарсани инсон зотига хизматкор қилиб қўйган Илоҳий Меҳрида, Марҳаматида экан.
55. Биз сизларни (Ердан) яратганмиз, яна унга қайтарурмиз ва (Қиёмат Кунида) сизларни иккинчи марта ундан чиқарурмиз.
Яъни, эй инсонлар, сизларнинг аслингиз тупроқдандир - Биз оталарингиз Одам алайҳис-саломни қора тупроқдан халқ қилганмиз, сўнгра унга Ўз ҳузуримиздан жон киритиб тирик инсонга айлантирганмиз. Қолаверса, сизлардан ҳар бирингизнинг она бачадонида яралишингизга сабаб бўлган нутфа ҳам аслида тупроқ ва сувдан ҳосил бўлгандир. Чунки у ис-теъмол қилинган озуқадан, озуқа чорва ҳайвонларининг гўшт-сутидан, гўшт-сут эса, ўт-ўландан пайдо бўлади, ўт-ўлан бўлса ердан униб чиқади. Бас, ҳар бир инсоннинг асли ер-тупроқ эканлигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Сўнгра, ҳар бирингиз пешонангизга битилган ажалингиз етгунича мана шу тупроқ устида бўлганингиздан кейин Биз сизларни ўша тупроқ ичига-қабрларингизга киритиб, яна қайтадан ерга айлантирурмиз. Кейин албатта барча жонзот қайта тириладиган Кун келадики, ана ўша Кунда Биз сизларни яна қайтадан ердан - қабрларингиздан чиқарурмиз.
Уламоларнинг айтишларича, ушбу ояти кариманинг ҳикмати, Ҳақ таолонинг нақадар Улуғ Қудрат Соҳиби эканини таъкидлаш ва барча ин-сонларга, хусусан ўзларини худо фаҳмлайдиган фиръавнларга асл-насллари қора тупроқ эканини эслатиб, уларни қўлларидаги мулку давлатларига ғурурланиб-алданиб қолмасликка ҳамда олдиларида даҳшатли ҳисоб-китоб Куни борлигини билишга чақиришдир.
Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир жанозага ҳозир бўлдилар ва қачонки маййит дафн қилингач, қўлларига бир сиқим тупроқ олиб, ояти кариманинг “Биз сизларни (Ердан) яратганмиз” деган жумласини ўқиган ҳолларида қабрга ташладилар, сўнгра яна бир сиқим тупроқ олдилар-да, “яна унга қайтарурмиз” жумласини ўқиб қабрга ташладилар, сўнгра яна бошқа бир сиқим тупроқ олдилар-да, “ва (Қиёмат Кунида) сизларни иккинчи марта ундан чиқарурмиз”, жумласини ўқиган ҳолларида қабрга ташладилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
56. Дарҳақиқат, Биз унга (яъни, Фиръавнга) барча оят-мўъжизаларимизни кўрсатдик. Бас, у ёлғон деб, (уларга иймон келтиришдан) бош тортди.
Ояти каримада сўз Мусо алайҳис-саломга ато этилган тўққиз мўъжиза ҳақида боради. Яъни, Фиръавн Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломдан уларнинг ҳақ пайғамбар эканликларига ҳужжат бўладиган қандай мўъжизалар кўрсатишни талаб қилган бўлса, Оллоҳ таоло ўша мўъжизаларнинг барчасини Ўз элчилари орқали унга кўрсатди, лекин у золим подшоҳ шу қадар туғёнга тушган ва ҳеч қандай ҳақ сўзни қабул қила олмайдиган бўлиб қолган эдики, оқибат-натижада ҳақ мўъжизани ўз кўзи билан кўриб туриб: “Бу ёлғон-сеҳр”, деди ва Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ таолога, Унинг элчиларига иймон келтиришдан бош тортди. Бу ҳақда бошқа оятларда шундай хабар берилган: “Бас, қачонки уларга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз равшан ҳолда етиб келгач, улар: «Бу очиқ сеҳрдир», дедилар. Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар. Энди (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), у бузгунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг”. (Намл сураси, 13-14-оятлар).
57-58. У деди: “Эй Мусо, сен ҳузуримизга ўз сеҳринг билан бизларни еримиздан чиқариб юбориш учун келдингми?! У ҳолда, қасамки, ҳеч шак-шубҳасиз, бизлар ҳам сенга худди ўшандай сеҳр келтира олурмиз. Бас, сен ўзинг билан бизларнинг ўртамизда бир ваъдагоҳ тайин қилгинки, у бизлар ҳам, сен ҳам (берган ваъдамизга) хилоф қилмайдиган ўрта бир жой бўлсин”.
Малъун фиръавннинг мазкур сўзларини айтишдан ғарази бошқа эди - у Мусо алайҳис-салом кўрсатган мўъжизаларни кўргач, қўркувга тушиб қолган эди. Шунинг учун қавмига Мусони ёмон кўрсатиш мақсадида унга туҳмат қилиб деди: “Эй Мусо, ҳали сен бизнинг еримизга келиб “Мен пайғамбарман” деб бизларни алдаб, мана бу сеҳр-жодуларинг билан кўзларимизни боғлаб ўзингга тобе қилиб, секин-аста Миср ерини, мол-мулкларимизни эгаллаб олмоқчимисан, бизларни ватанимиздан жудо қил-моқчимисан?! Биз бунга асло йўл бермаймиз. Бизлар ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз ҳам. Қасам ичиб айтаманки, сен бизга кўрсатган сеҳр каби сеҳр-жодуни бизлар ҳам кўрсатишга қодирмиз. Бас, агар хоҳласанг, сен ўзинг бирон жойни танлагин, ўша жойда учрашишга ваъдалашайлик. Фақат танлаган жойинг сен учун ҳам, биз учун ҳам баробар масофада жойлашган, ҳеч биримиз менга узоқлик қилди деган баҳона билан ваъдага хилоф қилиб бормай қўймайдиган ўрта, тевараги ҳаммага баробар кўриниб турадиган текис яланглик жой бўлсин”.
Айтиб ўтганимиздек, фиръавн бу сўзларини Мусо алайҳис-салом кўрсатган мўъжизалардан хавфга тушиб қолгани сабабли айтди. Уни қўрқитган нарса Миср аҳли Мусо алайҳис-саломга иймон келтириб эргашиб кетишлари эди. Шу боисдан Мусо алайҳис-саломни уларга молу мулкларини талон-тарож қилиб, ўзларини қул ва чўриларга айлантириб ҳайдаб кетадиган бир босқинчи қилиб кўрсатмоқчи бўлди. Унинг кўзлаган мақсади, Мисрда ерлик аҳоли бўлган қибт қабиласида Мусо алайҳис-саломга нисбатан нафрат уйғотиш эди. Очиқ мўъжизаларни сеҳр деб аташи эса, Мусони оддий сеҳргар қилиб кўрсатиб, қибтликларни унга қарши отлантириш эди. Ваъдагоҳни белгилаш ихтиёрини Мусо алайҳис-саломга бериши ҳам албатта беғараз эмас, балки қалбида пайдо бўлган қўркувни яшириш ва ўзини Мусо алайҳис-саломни ҳеч писанд қилмайдигандек кўрсатиш учун эди.
59. (Мусо) айтди: «Сизларга ваъда қилинган вақт ясан-тусан кунидир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар».
Яъни, Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломни, Оллоҳ азза ва жалланинг улуғ элчилари бўлмиш у икки солиҳ бандани золим подшоҳнинг айтган дағдағали сўзлари мутлақо чўчитмади, подшоҳидан фуқаросигача ҳаммаси куфр ботқоғига ботган бутун бир жамият билан бўладиган тўқнашув у икки мусулмонни хавотирга ҳам солмади. Шунинг учун Мусо алайҳис-салом дарҳол, ҳеч иккиланмасдан, уларнинг ҳар йили ўзларининг ҳайитла-ри бўлган наврўзни нишонлаш учун ясан-тусан қилиб тўпланадиган ва подшоҳидан фуқаросигача ўйин-кулги қилиб рақсларга тушадиган бош майдонларини ваъдагоҳ қилиб белгилади ва ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини барча баробар ўз-кўзлари билан кўриб-билиб, гувоҳ бўлишлари учун кундузи, чошгоҳ пайтида тўпланишларини айтди. Чунки у Ҳақиқат албатта қарор топишига ишонар ва бу тарихий ҳодисага имкон қадар кўпроқ инсон гувоҳ бўлишини ҳамда унинг овозаси бошқа юртларга етиб боришини истар эди.
Дарвоқеъ, иш Оллоҳ таолонинг Марҳамати билан у солиҳ банда орзу қилганидек бўлди ва мазкур воқеа тафсилоти то Қиёмат қадар бутун дунё тиловат қиладиган Каломуллоҳ қатларидан жой олди, ҳамма замон ва маконлардаги иймон аҳли учун улуғ ибрат бўлиб қолди.
60. Бас, Фиръавн ўгирилиб чиқиб кетди-да, сўнг ўзининг бор фирибгарини (яъни, сеҳргарларини) йигди. Сўнгра (ваъда қилинган жойга) келди.
“Маолимут-танзийл”да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ҳамда Ибн Исҳоқ ва Суддий раҳматуллоҳи алайҳимодан ривоят қилинишича, қачонки Фиръавн Мусо алайҳис-салом кўрсатган мўъжизалар мисолида Оллоҳ таолонинг Қудратини кўргач, лол-ҳайрон бўлди-ю, аммо Мусони ҳақ пайғамбар деб иймон келтириш ўрнига жуда ўткир сеҳргар экан, энди уни ўзига ўхшаган сеҳргарлар ёрдами билангина енгиш мумкин, деб, ўз одамларининг маслаҳати билан Мусо ва Ҳорунни ушлаб турди ва бани Исроил қавмидан бўлган жуда кўп қулларни сеҳргарлар юрти бўлган Фархо деган жойга сеҳр-жодуни ўрганиб келишлари учун юборди. У жойдаги ўткир сеҳргарлар уларга сеҳр илмини ўргатдилар. Фиръавн сеҳргарларнинг энг каттасини чақириб, юборган одамлари ҳақида сўраганида у: “Мен уларга сеҳр илмини шу қадар пухта ўргатдимки, Ер юзидаги бирон сеҳргарнинг уларга кучи етмайди, магар осмондан қўллаб туриладиган сеҳргар бўлсагина уларни енгиши мумкин”, деб жавоб қилади. Шундан кейин Фиръавн ўзининг мамлакатидаги бирон сеҳргарни қолдирмасдан йиғиб келиш учун одамларини Мисрнинг ҳар тарафига, барча шаҳарларига жўнатди ва Мусо алайҳис-салом билан маълум бир куни йиғилиб, уни синаб кўриши ҳақида ваъдалашди.
Фиръавн мамлакатнинг ҳар тарафидан чақириб тўплаган сеҳргарлар саноғи тўғрисида уламолардан турли ривоятлар бор. Муқотил: “Сеҳргарлар адади етмиш иккита бўлиб, уларнинг катталари Қибтлик икки киши, қолган етмиш киши эса бани Исроил қавмидан эди”, дейди. Аммо сеҳргарлар саноғи бундан минг баробар кўп деган уламолар ҳам бордир. Масалан, Икрима: “Улар етмиш минг киши эди”, деган бўлса, Муҳаммад ибн Мункадир: “Саксон мингта эдилар”, дейди. (“Маолимут-танзийл” тафсиридан).
“Муқтатаф” тафсирида зикр қилинишича, гарчи бу сўзлар ишончли са-над билан айтилмаган бўлса-да, (яъни, саҳиҳҳадисларда ривоят қилинмаган бўлса-да), лекин у сеҳргарлар катта жамоат бўлгани ва барчалари Мисрнинг турли қишлоқ-шаҳарларидан Фиръавнга ёрдам қилиш учун келгани аниқдир. Уларнинг адади қанча бўлганини Оллоҳ таоло яхшироқ Билгувчидир.
Шундай қилиб, Фиръавн чақириб келтирган барча сеҳргарлар йиғилгач -
61. Мусо уларга деди: “Ҳолингларга вой! Сизлар Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар (яъни, очиқ мўъжизани сеҳр деманглар), у ҳолда (Оллоҳ) сизларни азоб билан ҳалок қилур! Ким (Оллоҳ шаънига) ёлғон тўқир экан, ноумид (яъни, Оллоҳнинг Раҳматидан маҳрум) бўлиши аниқдир”.
Яъни, Мусо алайҳис-салом ваъда қилинган жойга тўпланган барча сеҳргарларни ва фиръавннинг ўзини ҳам яна бир марта огоҳлантириб, гўё шундай деди: “Агар сизлар Оллоҳ таолонинг оятларини - мен келтирган очиқ мўъжизаларни ўз кўзларингиз билан кўриб туриб, бу ишларни бирон сеҳргар қила олмаслигини жуда яхши билиб туриб “бу ҳам бир сеҳр-жоду”, дейдиган бўлсангизлар ёки фиръавнни ўзларингиз учун худо қилиб олиб Оллоҳ таолога ширк келтирадиган, яъни, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган бўлсангизлар, ҳолингизга вой бўлур. У ҳолда албатта Оллоҳ таоло сизларни Ўз ҳузуридан бўлган ашаддий азоб билан халок қилур.
Чунки кимда-ким Оллоҳ таоло шаънида бирон бир ёлғон, яъни, далил-ҳужжатсиз сўз айтадиган бўлса, ундай кимсалар Оллоҳ таолонинг Раҳмат-Марҳаматидан маҳрум бўлиб умидлари пучга чиқиши ва охир-оқибат ҳалокатга юз тутишлари аниқдир”.
62. Бас, (сеҳргарлар қиладиган) ишларини ўзаро талашиб-тортишиб пичирлаша бошладилар.
Яъни, фиръавн ўзининг ботил йўлини ҳимоя қилиш учун мамлакатнинг турли тарафларидан тўплаган сеҳргарлар Мусо алайҳис-саломни кўриб, у зотнинг айтган ҳақ сўзларини эшитганларидан сўнг ўрталарида ихтилоф чиқди ва бир-бирлари билан паст овозда талашиб-тортиша бошладилар: айримлари: “Агар бугун бўладиган тўқнашувда Мусо бизнинг устимиздан ғалаба қозонадиган бўлса, биз унга тобеъ бўламиз”, (Калбий ривояти), десалар, бошқалари Мусо алайҳис-саломнинг “Сизлар Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар”, деган сўзларини мағзини чақиб: “Бу киши сеҳргар эмас”, (Муҳаммад ибн Исҳок, ривояти), дер эди. Аммо улардан яна бир тоифаси аввалгиларга қарши чиқиб: “Бугун нима қилиб бўлса ҳам биз унинг устидан ғолиб бўлишимиз керак. Келинглар вақт кеч бўлмасдан шунинг режасини тузиб олайлик. Аммо овозларингизни кўтармасдан сўзланглар, у тузган режамизни эшитиб қолмасинки, у ҳолда ўзини ҳимоя қилиш йўлини топиб қутулиб кетиши мумкин”, дер эдилар. (“Маолимут-танзил” ва “Танвирул-азҳон” тафсирлари). Охир-оқибат бу баҳс-мунозарада улардан ана ўша кейинги тоифанинг қўли баланд келди -
63-64. Улар дедилар: “Ҳеч шак-шубҳасиз, бу иккови (яъни, Мусо ва Ҳорун) сеҳгарлардир. Улар сеҳр-жодулари билан сизларни ерингиз-дан чиқариб юбормоқни ва юксак йўлингизни (яъни, динингизни) кетказиб йўқ қилмоқни истайдилар. Бас, сизлар ҳам ўзингизнинг бор фириб-найрангларингизни бирлаштириб, сўнг бир саф бўлиб келингиз. Бугун ким устун бўлса, ана ўша нажот топур”.
Яъни, фиръавн сеҳргарлари паст овозда пичирлашиб маслаҳат қилишар экан, бир-бирларига гўё шундай дедилар: “Эй мисрликлар, аниқ бўлдики, бу Мусо ва Ҳорун жодугар-фирибгарлар экан. Уларнинг мақсади, ўз жодулари билан сизларни сеҳрлаб она юртингиз Мисрдан қувиб чиқариш ва мамлакатдаги барча бойликларга якка ҳоким бўлиб олишдир. Агар уларнинг кўзлаган ғаразлари амалга ошадиган бўлса, у ҳолда сизларнинг ўзингиз учун танлаб олган юксак ҳаёт йўлингиз бутунлай йўқ бўлиб, эркингиз оёқ ости қилинади ва бор азиз қадриятларингиз тортиб олинади. Бас, келинглар, бу мудҳиш хатарга қарши барчамиз бирлашайлик, бор тажриба ва маҳоратимизни ишга солайлик, имкониятимиздаги барча ҳийла-найрангни ишлатайлик - барчаларингиз бир саф бўлиб келинглар ва қўлингиздаги бор ҳунарингизни бирданига ўртага ташланглар, токи у иккови даҳшатга тушиб, сизлар кўрсатган сеҳр-жодудан кўзлари қамашиб, қандай мағлуб бўлганларини ўзлари ҳам билмай қолсинлар. Чунки бугун бўладиган тўқнашув ҳаёт-мамот тўқнашувидир - бугун ким ғолиб бўлса, ана ўша нажот топиши аниқдир”. (“Тафсири Мунийр”дан).
65. (Маслаҳатлари битгач сеҳргарлар), дедилар: “Эй Мусо, сен (қўлингдаги асойингни) ташлайсанми ёки бизлар аввал ташловчи бўлайликми?”
Сеҳргарларнинг бу сўзларини муфассир уламолар икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир: Улар ўзларига ҳаддан ортиқ ишонганлари, ғолиб бўлишимиз аниқ деб ўйлаганлари ва Мусо алайҳис-саломни менсимаганлари учун шундай деганлар.
Иккинчи тафсир: У сеҳргарлар одоб юзасидан Мусо алайҳис-саломга аввал бошлаш ихтиёрини берганларки, Оллоҳнинг элчиси олдидаги мана шу одоблари кейин уларнинг иймон келтиришларига ва Фиръавн олдида эмас, балки Оллоҳ таоло ҳузурида муқарраб - Оллоҳга яқин бандаларга айланишларига сабаб бўлган.
66. (Мусо) айтди: «Йўқ, сизлар ташланглар». (Улар кўлларидаги асо ва арқонларини ерга ташлаган эдилар) баногоҳ, уларнинг арқонлари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди.
Яъни, Мусо алайҳис-салом - Оллоҳтаолонинг ҳақ пайғамбари бўлмиш у улуғ зот Ҳақиқат ғалаба қилишига аниқ ишонгани учун хотиржам ҳолда: “Сизлар ташланглар”, деди.
Ҳикоя қилишларича, шаҳар четидаги бир водийга тўпланган халойиқ олдида минглаб сеҳргарлар қўлларидаги таёқ ва арқонларини ташлаганларида бутун водий устма-уст мингашиб-қалашиб ётган илонларга тўлиб кетган экан. Одамлар бу ҳолдан даҳшатга тушиб қоладилар, ҳатто Мусо пайғамбарни ҳам хавотир эгаллаб олади.
67-68-69. Бас, Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилган эди; Биз айтдик: «Қўрқмагин! Албатта (бу тўқнашувда) сен ўзинг устун-ғолиб бўлгувчисан. Қўлингдаги нарсани (яъни, асойингни) ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб юборур. Уларнинг ясаган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг сеҳр-жодуси, холос. Сеҳргар эса, қаерда бўлса-бўлсин, нажот топмас».
Бу куфр билан иймон ўртасидаги кураш эди. Бир тарафда ўзини худо деб даъво қилган Фиръавн, унинг сеҳргарлари ва сон-саноғи йўқ динсиз кимсалар, иккинчи тарафда эса, Оллоҳнинг икки солиҳ бандаси ва элчиси - Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом турар эдилар. Яъни, саноқсиз кофирларнинг рўбарўсида фақат икки мусулмон турар эди. Кучлар тенг эмас эди. Сеҳргарлар ташлаган таёқ ва арқонлар илонларга айланиб, одамлар даҳшатга тушиб қолганларида - кўринишидан куфр ғолиб кела бошлаганида, Ҳақ таоло Ўзининг солиҳ бандаси ва пайғамбарини - Мусо алайҳис-саломни қўллади, унга: “Қўлингдаги асойингни ташлагин”, деб ваҳий юборди ва шу пайт буюк мўъжиза юз берди - Мусо ташлаган асо даҳшатли аждар-ҳога айланиб, сеҳргарлар одамларнинг кўзига илон қилиб кўрсатган таёқ ва арқонларнинг биронтасини қолдирмасдан ютиб, йўқ қилиб юборди ва томошабин бўлиб турган одамларга ҳам ҳамла қилмоқчи бўлди, яъни, сеҳр-гарлар тўқиган ёлғон билан бирга у ёлғонга маҳлиё бўлганларни ҳам йўқ қилиб юбормоқчи бўлди. У аждарҳодан қочиб қутулмоқчи бўлган жуда кўп одамлар издиҳомда ҳалок бўлдилар. Шунда Мусо алайҳис-салом Оллоҳнинг Амри билан у аждарҳони ушлаган эди, ўша онда у эски ҳолига қайтиб, асога айланди. Бу мўъжизани ўз кўзлари билан кўриб турган сеҳргарлар: “Агар Мусо кўрсатган нарса ҳам бизники каби сеҳр бўлганида, бизнинг арқон ва таёқларимизни йўқ қилиб юбора олмаган бўлар эди”, дедилар.
Ушбу тарихий ҳодиса ҳақида бошқа бир сурада шундай хабар берилади: “Бас, ҳақиқат (жойига) тушди, уларнинг қилган, ҳаракатлари эса барбод бўлди”. (Аъроф сураси, 118-оят).
Яъни, Мусо алайҳис-саломнинг: “Эй Фиръавн, албатта мен барча оламларнинг Парвардигори томонидан юборилган элчиман”, деган сўзлари ҳақиқат экани ҳамманинг кўз ўнгида очиқ-равшан бўлди, Оллоҳ таоло уни буюк мўъжиза билан қўллаб-қувватлади ва сеҳргарларнинг Илоҳий мўъжизага қарши қилган сеҳри ҳам, Фиръавн ва унинг қавми режалаштирган найранглар ҳам, ҳамма-ҳаммаси барбод бўлди. “Бас, ўша жойда (Фиръавн ва унинг тарафдорлари) мағлуб бўлишиб, хор ва забун ҳолга тушдилар”. (Аъроф сураси, 119-оят).
Ҳақ таолонинг ҳақ пайғамбари Мусо айлайҳис-салом Яратганнинг Мадади билан Фиръавн ва унинг қавми устидан ғолиб бўлди, у кофир подшоҳ эса бутун салтанати, сон-саноқсиз аскарлари билан бу курашда - иймон билан куфр ўртасидаги маъракада мағлуб ва шарманда бўлдилар ва майдондан бошлари эгик ҳолда чиқиб кетдилар.
70. Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида (Ерга) ташланиб: «Биз Ҳорун ва Мусонинг Парвардигорига иймон келтирдик», дедилар.
“Дуррул-мансур” тафсирида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ва яна бир неча саҳобадан ривоят қилинишича, мазкур воқеа рўй беришидан бир кун олдин Мусо алайҳис-салом сеҳргарларнинг каттаси билан учрашиб: “Менга айтгинчи, агар мен сендан ғолиб бўлсам, сен менинг ҳақ пайгамбарлигимга иймон келтирасанми ва мен келтирган диннинг ҳақ эканига гувоҳлик берасанми?”, деганида, у сеҳргар: “Эртага мен шундай сеҳр кўрсатаманки, бирон сеҳр ундан ғолиб бўла олмайди. Бас, Оллоҳга қасамки, агар сен менга ғолиб бўлсанг, албатта мен сенга иймон келтираман ва сенинг ҳақ пайғамбар эканингга гувоҳлик бераман”, деб жавоб берган эди. Мусо алайҳис-салом ва сеҳргарлар амири ўртасидаги бу савол-жавоб Фиръавннинг кўз ўнгида бўлган эди.
Ҳақиқатан ҳам сеҳргарлар асонинг ростакам аждарҳога айланганини кўришгач, бу ҳеч қандай сеҳр эмас, балки инсон зотининг қўлидан келмайдиган ҳақиқий мўъжиза эканини аниқ билдилар ва ўзларини тута олмай, дарҳол саждага ташландилар ҳамда иймон келтирганларини очиқ эълон қилиб: “Бизлар барча оламларнинг Парвардигорига - Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтирдик”, дедилар.
Ҳақ таоло уларни Ҳақ Йўлга ҳидоят қилди - улар ҳақ нима, ботил нима эканини ажратдилар. Ҳолбуки, ўша куни эрталаб ҳам улар ботилни ҳақ деб эътиқод қилиб, кофир подшоҳ Фиръавнга сиғинадиганлар қато-рида эдилар. Шунинг учун ҳам у сеҳргарларнинг Мусо алайҳис-салом кўрсатган мўъжизани кўриб кўзлари очилгач: “бизлар барча оламларнинг Парвардигорига иймон келтирдик”, деб саждага йиқилар эканлар, уларнинг сажда қилаётганини кўриб турган Фиръавн - ўзини худо фаҳмлаган у золим подшоҳ: “Оламлар Парвардигори деганда мени назарда тутмоқдасизларда-а? деб сўради ва улар: “Йўқ, бизлар Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтирдик”, дейишиб, энди ҳеч қачон, ҳеч қандай махлуққа сиғинмасликларини, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига қуллик қилишларини эълон қилдилар. (“Маолимут-танзийл” тафсиридан).
71. (Фиръавн) айтди: “Мен сизларга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми? Шак-шубҳасиз, у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, энди мен албатта оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (яъни, ўнг қўл, чап оёғингизни ёки чап кўл ва ўнг оёқларингизни) кестириб юборурман ва сизларни хурмо шоҳларига остириб юборурман, (ана ўшанда) қай биримизнинг (яъни, менинг ёки Мусонинг худосининг) азоби қаттиқроқ ва боқийроқ эканини билиб олурсизлар!”
“Мен сизларга изн бермай туриб унга иймон келтирдингиз-ми?!”. Фиръавннинг Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган кишиларга қарата айтган бу сўзлари унинг нақадар мустабид ва жоҳил кимса эканини аниқ билдириб турибди. У ҳамма нарса, ҳатто инсонларнинг мўмин ёки кофир бўлишлари ҳам фақат унинг буйруғи билан бўлишини истар эди. Иймон келтириш фақат қалб амри билан бўлишига ақли етмайдиган даражада жоҳил эди.
У золим подшоҳ Миср мамлакатидаги ҳамма одамлар фақат унга сиғиниб - сажда қилишларини хоҳлар эди, ҳатто ўзини худо деб эълон қилган эди: “Фиръавн: “Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман. Бас, сен, эй Ҳомон, лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир (баланд) қаср бино қил, шоядки мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг худосини кўрсам. Албатта, мен уни ёлғончи кимсалардан деб ўйламоқдадирман”, деди”. (Қасас сураси, 38-оят).
Шунинг учун у жоҳил махлуқ ундан рухсат сўрамасдан Оллоҳ таолога иймон келтириб, Унга сажда қилган инсонларга ғазаб ва дағдаға қилди.
Фиръавннинг сеҳргарлар иймонга келганларидан қўрқишига яна бошқа бир сабаб ҳам бор эди - у сеҳргарларнинг мўмин бўлиб, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилганларини кўриб, улардан ибрат олиб бошқалар ҳам иймон йў-лига юриб кетишларидан кўрқар эди. Шу боисдан у Мисрликлар ўзига сиғинишда давом этишлари ва Мусо алайҳис-саломни ёмон кўриб қолишлари учун ўртага мана бу икки шубҳани ташлаб кўйди - сеҳргарларнинг Мусо билан тиллари бир, улар Миср аҳли бўлган Қибтийларни ўз юртларидан жудо қилиб мамлакатни ўзлари эгаллаб олиш учун тил бириктириб, мана шу томошани - сеҳргарлар Мусо билан мусобақа қилиб енгилишгач, унга иймон келтиришлари ва Оллоҳга сажда қилишлари томошасини ўйлаб топганлар, деб даъво қилди. Сўнгра бошқаларни қўрқитиб кўйиш учун мўминларга нисбатан мисли кўрилмаган жазо беришини эълон қилди.
Ибн Аббос розияллоху анҳумо: “Одамларнинг қўл-оёқларини қарама-қаршисига чопиб, сўнгра дорга осиш жазосини тарихда биринчи бўлиб Фиръавн ўйлаб топган”, дейди. (“Тафсири Қуртубий”дан). Аммо Оллоҳ тао-лонинг Ҳидоятига мушарраф бўлган мўминларга золим подшоҳнинг дағ-дағаси ва ҳақсиз жазоси заррача таъсир қилмади -
72-73. Улар дедилар: «Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган очиқ ҳужжат-мўъжизаларни ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қилгувчи бўлган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу ҳаёти дунёдагина ҳукм қилурсан. Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) мағфират қилармикан деб Парвардигоримизга иймон келтирдик. Оллоҳ(нинг ажр-мукофоти) яхшироқ ва (азоби) боқийроқдир».
Чунки улар иймонсиз ҳолда яшагандан иймон билан ўлиш афзал эканини билиб қолган эдилар. Фақат ўлимгина уларнинг Фиръавн зулмидан озод қилинишларига ва Оллоҳ таоло ҳузурига бориб, Унинг Жамолини кўришларига сабаб бўлишини англаган эдилар.
Бошқа оятларда хабар берилишича, мўминлар Фиръавн уларни дорга осмоқчи бўлганида бундай жавоб берган эканлар: “Улар дедилар: «Зарари йўқ. Зеро, бизлар Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз. Албатта бизлар (Мусога) биринчи иймон келтирган кишилар бўлганимиз сабабли Парвардигоримиз бизларнинг хато-гуноҳларимизни мағфират этишини умид қилурмиз». (Шуаро сураси, 50-51-оятлар). “Сен биздан фақатгина Парвардигоримизнинг оятлари келганда уларга иймон келтирганимиз учун ўч олмоқдасан, холос. Парвардигоро, устимиздан сабру тоқатни ёғдиргил ва бизларни фақат мусулмон бўлган ҳолимизда ўлдиргил!”. (Аъроф сураси, 126-оятлар).
Оллоҳ таолонинг Ҳидояти билан иймон неъматига эришган у мўминлар золим подшоҳга ҳақиқатни айтдилар. Яъни, уларнинг Фиръавн олдида фақат биргина “айблари” бор эди - улар махлуққа сигинишни бас қилиб, Холиққа иймон келтирган эдилар, шунингучун ўзини худо деб фаҳмлаган ва ҳаммани ўзига сиғинишини истайдиган махлуқ улардан ўч олмоқда эди. Аммо қалблари иймон нури билан мунаввар бўлган инсонлар эса махлуқнинг ўчидан эмас, Холиқнинг азобидан қўрқар эдилар, дорга осилишдан эмас, иймондан ажраб, яна қайта динсизлик чоҳига қулашдан қўрқар эдилар, шунингучун улар Яратганга илтижо қилишиб, Ундан икки нарсани сўрадилар. Биринчиси, Фиръавн уларнинг қўл-оёқларини кесиб дорга осаётган вақтда сабр-бардошни устларидан қуйишини, гўё бошла-ридан оёқларигача сабрга айлантириб қўйишини сўрадилар.
Иккинчиси, ўлим фариштаси уларнинг жонларини олар экан, фақат мусулмон ҳолларида вафот қилдиришини сўрадилар.
Чунки Мусо алайҳис-салом уларни Исломга даъват қилган эди ва улар Мусога иймон келтириш билан мусулмон бўлган эдилар. Энди уларнинг бирдан-бир орзулари мусулмон ҳолда ўлиш эди. Зотан, Одам Атодан тортиб, то Муҳаммад алайҳис-саломгача барча пайғамбарлар мусулмонликка, яъни, Ягона Оллоҳнинг Ўзига бандалик қилиб бўйинсунишга даъват қилганлар. Улар гўё бир занжир бўлиб, у занжирнинг биринчи ҳалқаси Одам алайҳис-салом бўлсалар, охирги ҳалқаси Муҳаммад алайҳис-саломдир. Шунинг учун Мусо пайғамбарга иймон келтирган кишилар ҳам Оллоҳ таолодан фақат Унинг Ўзига бўйинсунувчи, яъни, мусулмон бўлган ҳолларида жонларини олишни илтижо қилдилар.
“Тафсири Бағавий”да Қосим ибн Абу Баззадан ҳикоя қилинишича, у мўмин бандалар Мусо алайҳис-салом келтирган Илоҳий мўъжизани кўргач, унинг ҳақ пайғамбар эканлигига иймон келтириб саждага йиқилганларида бошлари саждада турган ҳолларида Ҳақ таоло уларга яна бир буюк мўъжизани кўрсатди - улар жаннат ва дўзахни, жаннат аҳлига бериладиган ажр-мукофотларни ҳамда ўзларининг жаннатдаги манзилларини кўрдилар! Шунинг учун саждаларидан бош кўтарибоқ: “Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган очиқ ҳужжат-мўъжизаларни ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қилгувчи бўлган ҳукмингни қилавер...” деган сўзларини айтдилар ва фиръавннинг уларни дорга осиш билан дағдаға қилиб, сўнгра “ана ўшанда қай биримизнинг (яъни, менинг ёки Мусонинг худосининг) азоби қаттиқроқ ва боқийроқ эканини билиб олурсизлар!” деган сўзларига жавобан: “Оллоҳ(нинг берадиган ажр-мукофоти) яхшироқ ва (азоби) боқийроқдир”, дедилар.
74. Ҳеч шубҳа йўқки, кимда ким Парвардигори(нинг ҳузури)га жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, бас, албатта унинг учун жаҳаннам бордирки, (кофир) у жойда на ўла олур ва на яшай олур.
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: “Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз”. (Фотир сураси, 36-оят). “Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) “Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан кутулайлик”, деб) нидо қилганларида, у: “Албатта, сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар”, деди”. (Зухруф сураси, 77-оят). “(Оллоҳдан) қўрқадиган киши панд-насиҳат олажак. Катта ўтга (дўзахга) кирадиган бадбахт кимса эса ўзини у (насиҳат) дан четга олур. Сўнгра у жойда у на ўла олур ва на яшай олур!». (Аъло сураси, 10-13-оятлар).
Аҳмад ва Муслим Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилар эканлар, ушбу ояти каримани ўқидилар ва дедилар: “Аммо жаҳаннамнинг ҳақиқий эгалари (яъни, кофир ҳолда ўлиб, Қиёмат Кунида Оллоҳтаоло ҳузурига кофир ҳолда келган кимсалар), албатта улар у жойда на ўла олурлар ва на яшай олурлар. Аммо унинг аҳли бўлмаган (яъни, ўзлари кофир бўлмаган, лекин кечирилмаган гуноҳларининг жазосини олишлари учун вақтинча жаҳаннамга ташланган) кишиларни эса, дўзах ўти гўё ўлдиргандек бўлади, сўнгра шафоат қилгувчи зотлар уларни шафоат қиладилар, бас, улар тўп-тўп қилиниб, наҳрул-ҳаёт - ҳаёт дарёси деб аталадиган бир дарё олдига келтириладилар-да, унга ташланганларидан кейин уларнинг баданлари гўё сел оқизиб келган лойқадан униб чиққан ниҳоллар каби янгидан униб чиқади”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Яна бир саҳиҳ ҳадисда ҳам бу ҳақда хабар берилган: “Қалбида зарра мисқоличалик иймони бўлган киши албатта дўзахдан чиқади”.
Айрим муффассирлар оятдаги “(кофир) у жойда на ўла олурл ва на яшай олур”, жумласи тафсирида: “Жаҳаннамдаги кофир кимсанинг жони бўғзига тиқилиб қолади, бас, у на жони чиқиб кетиб ўла олади ва на жони жойига тушиб яшай олади”, деб тафсир қилганлар (“Тафсири Куртубий”дан).
75-76. Ким У Зотга яхши амаллар қилган мўмин ҳолида келса, бас, ана ўша (кишилар) учун юксак даражалар, остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган мангу жаннатлар бўлур. Бу (ширку-куфрдан) пок бўлган кишиларнинг мукофотидир!
Мана бу муборак ҳадислар ушбу оятларнинг энг ишончли тафсиридир.
Абу Довуд, Термизий ва бошқа муҳаддислар Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, жаннатдаги юксак даражалар соҳибларини улардан қуйида бўлган кишилар худди сизлар само уфқларидаги ёруғ юлдузни кўрганларингиздек кўрурлар. Албатта Абу Бакр ва Умар ана ўша юксак даражалар соҳибларидандирлар. Нақадар улуғ неъмат ато этилди уларга!” деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Бағавий”дан).
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта жаннат аҳли устларидаги хужрақасрлар аҳлига уфқ бўйлаб машриқдан (ёки мағрибдан) илгарилаб бораётган чароғон юлдузга боққандек боқурлар. Зеро, уларнинг ўрталарида бир-бирларидан афзаллик бордир”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у анбиёларнинг манзиллари бўлиб, у жойга улардан ўзгалар ета олмасалар керак?”, деб сўрадилар. У зот: “Йўқ, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, (ундай манзил эгалари) Оллоҳга иймон келтирган ва Унинг элчиларига ишонган кишилардир”, дедилар.
Имом Аҳмад ва Термизий Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннат юз даража - қаватдир, ҳар икки қават ораси осмон билан Ер оралиғи кабидир. Унинг энг юқори қавати Фирдавс бўлиб, ундан тўрт дарё оқиб чиқур. Арш унинг устидадир. Бас, сизлар қачон Оллоҳ таолодан сўрасангизлар, Фирдавс жаннатини сўранглар”. (“Тафсири Мунийр”дан).
“Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (будир): “Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бад-таъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир”. (Муҳаммад сураси, 15-оят).
77-78. Дарҳақиқат, Биз Мусога: «Сен Менинг бандаларимни (яъни, бани Исроилни) тунда олиб кетиб, улар учун (суви) қуриган денгизни йўл қилгин - (ортларингдан Фиръавн) етиб олишидан хавф қилмагин ва (денгизга ғарқ бўлишдан ҳам) қўрқмагин», деб ваҳий юбордик. Бас, уларнинг ортидан қувиб етган фиръавн ва лашкарларини денгиз ўраганча-ўраб олди (яъни, барчалари унга ғарқ бўлдилар).
Барча иймон эгалари учун то Қиёмат қойим бўлгунича буюк ибрат бўлиб қоладиган бу тарихий ҳодиса, муфассир уламолар ёзишларича, мана бундай рўй берган эди: Қачонки Ҳақ таоло бани Исроилга Мисрдан - куллик ўлкасидан нажот беришни ирода қилгач, ҳеч қачон ўзининг қулларидан ажраб қолишни истамаган Фиръавннинг қалбига шундай хавотир солиб қўйдики, натижада у кутилмаганда Мусо ва Ҳорунни ўз ҳузурига чақириб, “Ўзинглар ҳам, бани Исроил қавми ҳам, биронтанглар қолмасдан менинг халқим орасидан чиқиб кетинглар ва ўзларинг айтиб юрган Роббингизга сиғинаверинглар”, деди. Бу хушхабардан бениҳоя шодланиб, Оллоҳга шукроналар айтган Мусо ва унинг оғаси Ҳорун алайҳимас-саломлар ўз қавмлари бани Исроил билан йўлга ҳозирлик кўра бошладилар. Яъқуб алайҳис-салом билан бирга Миср заминига кириб келганларида бор йўғи етмиш икки кишидан иборат бўлган бу қавм Мисрдан чиқар эканлар, саноқлари, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анху таъкидлашича, олти юз минг нафардан кўп эди. Оллоҳнинг Амри билан бани Исроил қавми йўлга тушганларидан кейин, Фиръавн аъёнлари унинг олдига кириб “Қулларинг қочиб кетишдику”, дейишганида - ана ўшандагина бу золимнинг кўзи ярқ этиб очилди ва аввал айтган сўзидан қайтиб, “Биз нима қилиб қўйдик ўзи? Ўз ихтиёримиз билан тайёр дастёр - қулларимиздан маҳрум бўлиб қолаверамизми?”, деди ва бани Исроилдан уч баробар кўп саноқдаги лашкари билан уларнинг ортидан тушиб, Бахри Қулзум, ҳозирда Сувайш номи билан машҳур денгиз соҳилида йўллари тўсилиб тўхтаб турган бани Исроил қавмига етиб борди. Бани Исроил - яҳудлар ортларидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг саноқсиз лашкарига кўзлари тушгач, уларга хос бўлган қўрқоқлик, хоинлик қалқиб юзага чиқди ва “Эй Мусо, сен бизларга ваъда қилган зафар, ғалаба қаёқда қолди? Мисрликлар қўлида қул бўлиб қолганимиз биз учун мана бу саҳрода ҳалок бўлиб кетганимиздан яхшироқ эди”, дея бошладилар. Шунда Оллоҳ таоло Мусога ваҳий қилдики, “Асойингни денгизга ургин”. Мусо қўлидаги асони денгизга урган эдики, баногоҳу куп-қуруқ йўлга айланиб қолди. Бани Исроил бу очилган йўлга тушган эдилар, орқаларидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг лашкари ҳам уларга эргашди. Аммо Мусо ва унинг қавми денгизнинг нариги соҳилига чиқиб олишлари билан, ҳали Фиръавн барча одамлари билан денгиз ўртасида эканлар, соҳилга чиқиб олган бани Исроилнинг шундоқ кўз ўнгида Оллоҳтаоло Мусо алайҳис-саломга ваъда қилган мўъжиза юз берди - бир зумда денгизни қайтадан сув қоплади ва Фиръавн ҳамда унинг одамларидан биронтаси қолмай сувга ғарқ бўлиб кетдилар! Мана шундай қилиб, Жаноби Ҳақ Ёлғиз Ўзи биладидан Илоҳий Ҳикмат сабабли Ўзининг бандаси ва элчиси бўлмиш Мусо ҳамда унга иймон келтирган мўмин бандалари шарофатидан бани Исроил қавмини Фиръавн зулмидан халос қилди.
79. Фиръавн қавмини адаштирди - Тўғри Йўлга бошламади.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло фиръавннинг ўз қавмига - Миср аҳлига айтган “...мен сизларни фақат Тўғри Йўлга етакларман”, (Ғофир сураси, 29-оят) деган сўзлари ёлғон бўлиб чиққанини яна бир бор таъкидлайди. Дарҳақиқат, у золим подшоҳўз қавмининг нажотига эмас, аксинча ҳалокатига сабабчи бўлди. У Мисрнинг ҳар тарафларидан лашкар йиғиб, Шоми шарифга қараб йўл олган бани Исроил қавмини яна тутқинликка қайтариш учун изларидан қувиб борар экан, кўнглида бани Исроилни олдиларидан чиққан денгиз тўсиб қўяди ва улар ҳеч қаёққа қочиб кета олмасдан ортларига қайтишга мажбур бўладилар, деган бир хотиржамлик бор эди-ю, аммо ўзини ва сон-саноқсиз қўшинини олдиларида ҳалокат кутиб турганидан тамоман ғафлатда эди. Олис мозийда бўлиб ўтган бу бениҳоя ибратли ҳодиса ҳақида бошқа бир сурада шундай хабар берилади: “Биз Мусога: «Бандаларим (яъни, бани Исроил қавми) билан тунда йўлга чиққин! Албатта сизларнинг изингизга тушилур (яъни, Фиръавн ва унинг қўшини ортингиздан қувиб етур»), деб ваҳий юбордик. Бас, (Мусо ва унинг қавми йўлга тушганларидан хабар топгач), Фиръавн барча шаҳарларга (аскар) йиғувчиларни жўнатди (ва деди): «Аниқки, улар бир ҳовуч ялангоёқлардир. Дарҳақиқат, улар (қўл остимиздан чиқиб кетишлари билан) бизларни ғазаблантирдилар. Шубҳасиз, бизлар барчамиз эҳгиёт чораларини кўриб тургувчи қавмдирмиз». Бас, мана шундай қилиб Биз уларни (яъни, Фиръавн ва унга эргашганларни) боғлар ва булоқлардан, хазиналар ва улуғ-гузал маскандан айирдик ва мана шундай қилиб, Биз улар(нинг барчаси)га бани Исроилни ворис қил-дик. Бас, (Фиръавн ва унинг лашкари) тонг пайтида уларни қувиб етдилар. Энди қачонки икки жамоат бир-бирларини кўришгач, Мусонинг хдмроҳлари: «Бизлар аниқ тутилдик, (чунки олдимизда ҳеч қандай йўл йўқ, фақат денгиз бор)», дедилар. (Мусо) айтди: «Йўқ, аниқки, мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта У мени (нажот) йўлига бошлар». Бас, Биз Мусога: «Асойинг билан денгизни ургин», деб ваҳий юбордик. Бас, (у асосини текизган эди, денгиз ўртасидан) бўлиниб ҳар бир бўлак (сув) баланд тоғ каби бўлди. (Сўнг Мусо ва унинг қавми денгиз ўртасидан очилган йўлга тушдилар.) Ва кейингиларни (яъни, Фиръавн ва унинг қўшинини ҳам) ўша (йўлга) яқин қилдик. Ва Мусо ҳамда у билан бирга бўлган кишиларнинг барчаларига нажот бердик. Сўнгра кейингиларни (денгизга) ғарқ қилиб юбордик. Албатта бунда (Фиръавн ва унинг қавми ҳалокатида) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар”. (Шуаро сураси, 52-67-оят).
80-81. Эй бани Исроил, Биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизлар билан Тур (тоғининг) ўнг томони(га келишларингиз) ни ваъдалашдик ҳамда (осмондан) устингизга ширинлик, беданалар ёғдириб, (дедик): Биз сизларга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар ва улар хусусида (шукр қилмаслик билан) ҳаддан ошмангларки, у ҳолда устингизга Менинг ғазабим тушар. Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у албатта, ҳалок бўлур.
Ушбу оятда Жаноби Ҳақ бани Исроил қавмига ато қилган неъматларидан яна бирини эслатади. Сўз яҳудларнинг Фиръавн ва унинг қавмидан қандай қилиб нажот топганлари ҳақида боради. Хўш, Фиръавн ўзи ким эди? Қадимда форслар подшоҳни хисрав, деб, турклар хоқон, деб атаганларидек, араблар подшоҳларини фиръавн дердилар.
Имом Бағавий “Маолимут-танзил” тафсирида ёзишича, Мусо алай-ҳиссалом замонларида яшаган подшоҳ - фиръавннинг асл исми Валид ибн Мусъаб ибн Раййон бўлиб, Миср мамлакатининг туб аҳолиси саналмиш қибтийлардан эди. У тўрт юз йилдан ортиқ умр кўрган. Ўзини “худо” деб эълон қилган бу золим подшоҳ Юсуф алайҳис-салом замонларида Мисрга келиб, шу заминда яшаб қолган бани Исроил қавмини, юқоридаги ояти каримада хабар берилганидек, қаттиқ азоблар билан қийнар, ўғил болаларини сўйиб ҳалок қилар, қизларини эса ҳаёт қолдирар эди. Бунга эса қуйидаги воқеа сабаб бўлган эди: Бир куни Фиръавн туш кўрса, бир олов Қуддус тарафдан келиб, Мисрни ўраб олган эмиш. У Мисрдаги ҳар бир қибтийни куйдириб юборибди-ю, аммо бани Исроилдан ҳеч кимга тегмабди. Кўрган тушидан даҳшатга тушган Фиръавн коҳин-фолбинларидан унинг таъбирини сўраганида, улар айтадилар: “Кўрган тушингнинг таъбири шундан иборат: бани Исроил қавмида бир бола дунёга келадики, сенинг ўлиминг ҳам, мулку давлатингнинг заволи ҳам ўша боланинг қў-лида бўлади”. Бу таъбирни эшитган Фиръавн бани Исроилда туғиладиган ҳар бир ўғил болани ўлдиришга ҳукм чиқаради ва қўл остидаги барча қабилаларни тўплаб, уларга “Қўлларингизга тушган бани Исроилга мансуб ҳар бир ўғил болани ўлдирасизлар, фақат қизларинигина тирик қолдира-сизлар”, деб буюради ва ҳар бир қабилага ўзининг бир вакилини тайинлайди. Бани Исроилдан чиқадиган бир бола, яъни, Мусо алайҳис-салом қўлида ҳалок бўлишидан талвасага тушган золим Фиръавннинг зулми шу даражага етадики, айтилишича, Мусони қидириб бани Исроилдан ўн икки минг бола ўлдирилган.
Муфассир уламолардан Ваҳб ибн Мунаббиҳ бундай дейди: “Менга етиб келишича, Мусо алайҳис-саломни қидириб золим Фиръавн томонидан тўқсон минг бола сўйилган”.
Шунда Мисрнинг туб аҳолиси бўлган қибтийларнинг оқсоқоллари Фиръавн олдига кириб: “Бани Исроилнинг гўдакларини сўяверсак, бу ғамни кўтара олмасдан катталари ҳам ўлиб кетмоқдалар. Бу ҳолда биз ўз қулларимиздан ажраб, барча оғир юмушлар ўзимизнинг бўйнимизга тушиб қоладику”, дейишгач, Фиръавн бундан буёғига йил оралаб сўйишга буюради. Шундан кейин Ҳорун - Мусонинг оғаси бола сўйилмайдиган йилда, Мусо эса болалар сўйиладиган йилда дунёга келади.
Дунёдаги барча келган ва келадиган золим подшоҳларнинг “отаси” бўлган фиръавннинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган зулми ҳақида Жаноби Ҳақ хабар берган ушбу оятнинг яна бошқа тафсир-таъвиллари ҳам бор. Шулардан бири, аллома Муҳаммад Жалолиддин Қосимийнинг “Маҳосинут-таъвил” тафсирида зикр қилинишича, Фиръавн бани Исроил қавминингўғилларини сўйдиришига сабаб (Тавротда ривоят қилинганига биноан) уларнинг тез кўпайиб, униб-ўсиб кетаётганлари бўлган. Улар шу қадар кўп туғила бошлаганларки, ҳатто Миср ери бани Исроил қўлига ўтиб кетадими, деган хавф пайдо бўлган.
Маълумки, бани Исроил қавмининг Миср заминига келиб қолиш тарихи Юсуф алайҳис-салом билан боғлиқдир. Миср подшоҳининг фармони билан, бу ўлкада ўта иззат-эътиборли вазир бўлган Юсуф алаҳис-салом оталари Яъқуб алайҳис-саломни ва оға-иниларини оила аъзолари билан Канъон заминидан Мисрга чақиртирадилар ва уларни энг чиройли, серҳосил ерларга жойлаштирадилар. Бу улуғ зот шарофатларидан бани Исроил Мисрда кўп иззат-ҳурматларга сазовор бўлишиб, жуда тез томир отиб кўпая бошлайдилар. Аммо Юсуф алайҳис-салом ва у зотни ўзига вазир қилиб олган подшоҳ вафот қилишганидан кейин бани Исроил қавмига бўлган муносабат кескин ўзгаради. Улар аввал кўрган ҳурмат-эътиборларидан маҳрум бўладилар. Ўшанда Миср мамлакати устига келган фиръавнлардан бири ўз қавми - қибтийларга қараб: “Бу бани Исроил бизнинг юртимизда ўзимиздан ҳам кўпайиб кетди. Энди уларга қарши бирор чора ўйлаб топмасак, агар юртимизга бирон душман уруш очадиган бўлса бу қавм душманларимизга кўшилиб олиб, ўзимизга қарши жанг қилишлари ва бизларни ўз юртимиздан қувиб чиқаришлари мумкин”, дейди ва ўз аъёнлари билан бани Исроилни турли-туман чидаб бўлмас азоб-уқубатларга гирифтор қила бошлайди. Лекин уларни қанча хорлаб-зўрламасинлар, улар янада кўпайиб, янада кучайиб кетаверадилар. Шунда, Оллоҳ таоло ушбу ояти каримада хабар берганидек фиръавн уларнинг ўғилларини сўйишга буюради.
У золим подшоҳнинг мақсади бани Исроил қавмининг наслини қурутиб, йўқ қилиб юбориш эди. Аммо Оллоҳ таолонинг Иродаси бошқа бўлди - У Зот золим фиръавн ва унинг одамларини денгизга ғарқ қилиб, бани Исроил қавмига душманлари қўлидан соғ-омон чиқишларини тақдир қилди.
“ва сизлар билан Тур (тоғининг) ўнг томони(га келишларингиз)ни ваъдалашдик”.
Имом Бағавий ушбу жумлани қуйидагича тафсир қилади: “Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга бани Исроилдан бўлган одамларни олиб, уларнинг қилган қилмишларига - бузоққа сиғинганларига узр сўрашлари учун Тур тоғига келишни амр қилди. Шунда Мусо қавм орасидан энг яхшиларини - бузоққа сиғинмаган етмиш кишини танлаб олиб, уларга деди: “Рўза тутинглар, ўзларингиз ҳам покланинглар, кийимларингизни ҳам покланглар”. Тайёр бўлишгач, Мусо уларни олиб Тур тоғига - Оллоҳ таоло буюрган жойга чиқди. Шунда улар Мусога: “Сўрагин, бизлар ҳам Парвардигоримизнинг каломини эшитайлик”, дейишган эди, Мусо уларга: “Хўп” деб жавоб қилди. Қачонки тоққа яқин келганида унинг устига осмондан бир қора булут устуни тушиб, бутун тоғни қоронғулик қоплади. Мусо у булут ичига кираркан, қавмига: “Яқин келинглар”, деди ва улар яқин кели-шиб, барчалари булут ичига кириб саждага йиқилдилар ва парда ортида... Оллоҳтаолонинг Мусога сўзлаётганини эшитдилар: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Мен - Оллоҳ бордирман. Қудрат Соҳибиман. Сизларни Куч-Қудрат билан Миср еридан чиқарган Менман. Бас, сизлар Ёлғиз Менга ибодат қилинглар. Мендан ўзгага сиғинманглар!”. Энди қачонки Мусо Жаноб Ҳақнинг сўзларини эшитиб, кўрсатмаларини қабул қилиб бўлгач, булут тарқади ва у қавмига қаради. Шунда улар - Оллоҳнинг сўзлаган сўзларини бевосита, ўз қулоқлари билан эшитганларидан сўнг: “Эй Мусо, то Оллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча ҳаргиз сенинг пайғамбар эканингга иймон келтирмаймиз”, деган эдилар, шу онда уларнинг кўз ўнгида осмондан тушган бир даҳшатли олов - чақмоқ уларни урди - ҳалок қилди. Бу ҳолга гувоҳ бўлиб турган Мусо алайҳис-салом зор-тавалло билан Яратганга ёлвориб: “Парвардигоро, энди мен бани Исроилга нима деб бораман? Сен уларнинг энг яхшиларини ҳалок қилдингку. “Парвардигорим, агар ҳоҳласанг уларни ҳам, мени ҳам илгари (яъни улар бузоққа сиғинаётган пайтларида) ҳалок қилсанг бўлур эди. Орамиздаги ақлсиз кимсаларнинг қилмишлари сабабли (энди) бизларни ҳалок қиласанми”, дея бошлади. (Аъроф сураси, 155-оят). Ҳақ таоло Ўз элчисининг дуойи-зорини қабул қилди ва бирин-кетин тирилаётган, аввал тирилгани ўзидан кейин тирилаётган шеригига қандай қилиб қайтадан жон ато этилаётганини ўз кўзи билан кўриб турган яҳудларнинг кўз ўнгида Ўзинингўликларни қайта тирилтиришга Қодир Зот эканини намойиш қилди”.
Шукр қилишлари учун уларга бу мислсиз Мўъжиза, беадад шукрлар қилинса камлик қиладиган Илоҳий Марҳамат кўрсатилди. Аммо улар яна ношукрлик қилдилар...
“Ҳамда (осмондан) устингизга ҳалволар ва салволар - беданалар ёғдириб, (дедик): “Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан енглар ва улар хусусида (шукр қилмаслик билан) ҳаддингиздан ошмангизки, у ҳолда устингизга Менинг ғазабим тушар. Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у албатта ҳалок бўлур”.
Аввалги оятларда Оллоҳ таоло шукр қилсинлар, деб бани Исроилнинг бошидан очиқ ҳалокатни даф қилганини эслатгач, энди, ушбу ояти каримада яна Ёлғиз Ўзигина ато эта оладиган бошқа неъматларини санашда давом этади.
Дарҳақиқат, бани Исроил Мусо алайҳис-салом билан бирга Миср заминидан чиққанларидан кейин то Қуддус шаҳрига етиб келиб киргунларича орада қирқ йил муддат чўл-саҳроларда адашиб-улоқиб юрадилар. (Бу ҳақда ўрни келганда батафсил баён қилинади, иншооллоҳ). Ўшанда яҳудлар бошларига қандай қийинчилик тушса Мусо алайҳис-саломдан кўриб, “Сен туфайли бошимизга шундай кўргуликлар тушди”, дейишиб, у зотни маломатлар қилишар ва озорлар беришар эди. Шунда Ҳақ таоло Ўзининг нақадар буюк Қудрат Соҳиби эканини кўрсатиб, аввало уларнинг устига саҳро қуёшидан соябон бўлган оппоқ булутларни юборди. Улар қайси томонга юрсалар, кўкдаги “соябонлари” ҳам бирга юрадиган, тўхтасалар, бирга тўхтайдиган бўлди. Бир куни улар Мусо ва Ҳорунга қараб: “Қани эди, Миср заминида ўлиб кетган бўлсак. Ў жойда соя-салқинларда яшар эдик, ейдиган нон-гўштимиз ҳам бор эди. Сенлар икковинг бизларни - шундай катта халқни очликдан ҳалок қилиш учун мана бу саҳрога ҳайдадинглар”, дейишганида, Ўз элчиларини ҳеч қачон беёрдам қўймайдиган Зот бани Исроил ўзларига буюрилган шариат қонунларига амал қиладиларми, йўқми берилган беҳисоб неъматларга шукр қиладиларми, йўқми имтиҳон қилиш учун, осмондан уларнинг устига ҳалволар ва салволар - беданалар ёғдирди ва “Биз сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар”, деди. Шундан кейин ҳар куни кундузи ширин ҳалволар, кечаси бедана гўштлари уларга ризқ бўлиб ёғилиб турди ва ушбу Илоҳий ризқдан қай тартибда фойдаланиш йўллари таълим берил-ди. Ҳар бир одам ҳар куни кундузги ризқ бўлган ширинликдан ҳам, кечки ризқ бўлган гўштдан ҳам фақат бир кунга етарли миқдорда олиши, очкўзлик қилиб керагидан ортиқча олиш билан исроф қилмаслиги буюрилди. Лекин улар қон-қонларига сингиб кетган очкўзлик сабаб буюрилган қоидага амал қилмадилар. Оллоҳ берган ризққа шукр қилмадилар ва оқибат - натижада ояти каримада таъкидланганидек, “(Бани Исроил Бизнинг неъматларимизга шукр қилмасликлари билан) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар”.
82. Мен - (ширк ва куфрдан) тавба қилган, ҳамда иймон келтириб солиҳ амал қилган, сўнгра Тўғри Йўлда собитқадам бўлган кишиларни албатта Мағфират қилгувчидирман.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит тафосийр” китобида айтилишича, ушбу ояти каримада адашганларни тавба-тазарруъ қилишга чорлаш ва иймон келтириб, Шариати Исломийя буюрган амалларни қилишга даъват ҳамда то ўлим соати келгунича мана шу Тўғри Йўлда барқарор бўлиш лозимлигига ишора бордир. Бас, кимда-ким куфр ва маъсиятдан тавба қилмаса ёки гуноҳларидан тавба қилиб иймон келтирса-ю, лекин Шариат буюрган амалларни қилмаса ёхуд иймон келтириб солиҳ амаллар қилган тақдирида ҳам ана ўша Тўғри Йўлда бир умр собитқадам бўлмаса, ундай кимса дунёдан ўтганидан кейин Оллоҳтаолонинг Раҳмати ва Мағфиратига эришиши амри маҳолдир.
Ушбу тафсирни мана бу ояти карима мазмуни ҳам таъкидлайди: “Албатта: «Парвардигоримиз Оллоҳдир», деб, сўнгра (Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри - устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Курқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат (хушхабари) билан шодланинглар!” (Фуссилат сураси, 30-оят).
83. (Бани Исроил қавмидан етмиш нафарини ўзи билан бирга олиб, Тур тоғи томонга кетаётган Мусо йўлда улардан илгарилаб кетади. Шунда Оллоҳ деди): «Нега қавмингдан илгарилаб кетдинг, эй Мусо!»
Имом Бағавийнинг “Маолимут-танзил» тафсирида айтилишича, Мусо алайҳис-салом Оллоҳтаолонинг Амри билан Таврот Китобини олиш учун Тур тоғига кетар экан, ўзи билан бирга боришлари учун бани Исроил қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Бас, бир муддатулар билан бирга йўл босишгач, Мусо Оллоҳ таоло буюрган жойга тезроқ етиб бориш шавқида ҳамроҳларига: “Сизлар ортимдан етиб борасизлар”, деди-да, уларни қолдириб ўзи ёлғиз ҳолида Тур тоғига чиқиб борди ва қачонки ваъда қилинган жойга етиб тўхташи билан Ҳақ таолонинг ушбу нидосини эшитди:
“Нега қавмингдан илгарилаб кетдинг, эй Мусо!”
84. У айтди: «Улар ана - изимдан келурлар. Мен эса Сен рози бўлишинг учун ҳузурингга шошилдим, Парвардигорим!»
Яъни, Мусо алайҳис-салом йўл қуйган хатоси учун Парвардигор ҳузурида узрини баён қилиб гўё шундай деди: “Ё Роббим, улар ҳам яқин келиб қолдилар, орамиз узоқ эмас, бир неча қадам холос. Ортимдан етиб келмоқдалар. Мен бўлсам, ваъда қилинган жойга имкон қадар тезроқ етиб келсам Сенинг розилигингга етарман деб ҳузурингга шошилдим”.
85. (Оллоҳ) деди: «Бас, (маълуминг бўлсинки), Биз сенинг ортингдан қавмингни фитнага солдик - имтиҳон қилдик ва Сомирий уларни йўлдан оздирди».
Яъни, эй Мусо, сен қавминг олдидан чиқиб кетганингдан кейин Биз уларни бир фитнага дучор қилдик - қавмингни сигирга сиғинадиган Сомира қабиласидан бўлган, гарчи тилида Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган бўлса-да, қалбида молпарастлигича қолган яҳудий Сомирий йўлдан оздириб, улар ўша мунофиқ зеб-зийнатлардан ясаган бузоқ ҳайкалига сиғина бошладилар.
86. Бас, Мусо қавмига ғазабланган ва ғамга ботган ҳолда қайтиб келиб, деди: «Эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга (Таврот нозил этиш хдқида) чиройли ваъда қилмаганмиди?! Сизларга (ўтган) вақг чўзилиб (узун (кўриниб) кетдими ёки устингизга Парвардигорингиз томонидан ғазаб тушишини истаб менга берган ваъдани буздингларми?!
Мусо Тур тоғига кетаркан бани Исроил қавми унга Оллоҳдан ўзга ҳеч кимга сиғинмасликка сўз берган эдилар. Кейин эса Сомирий ясаган бузоққа сиғиниш билан ваъдаларини бузадилар.
Шунинг учун Мусо алайҳис-салом у жойдан ортиқ даражада ғазабга тўлиб, қавмининг қилмишларидан хафа бўлиб қайтди ва ояти каримада зикр қилинган сўзларини айтдида, бани Исроилнинг бузоқ атрофида тавоф қилиб, унга сажда қилишаётганини кўриб ўзини ушлай олмай қўлидаги Таврот оятлари битилган тахталарни ташлаб юборди
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анҳумо ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳ таоло Мусони Ўз Раҳматига олсин, эшитган кўрган каби бўлмас экан. Мусога Парвардигори таборака ва таоло қавмининг у кетганидан кейин фитнага тушгани, Сомирий уларни йўлдан оздиргани ҳақида хабар берганида у қўлидаги Таврот битилган лавҳларни - тахталарни ташлагани йўқ, аммо қачонки уларнинг бузоққа сиғинаётганларини ўз кўзи билан кўрганида эса лавҳларни ташлаб юборди шунда улардан синганича синди”, дедилар.
Ривоят қилинишича, Таврот етти бўлимдан иборат эди. Бас, қачонки Мусо алайҳис-салом лавҳларни ташлаб юборгач, улар синиб, еттидан олти қисми осмонга қайтиб кўтарилиб кетди, фақат еттидан биригина Ерда қолди. Кўтарилиб кетган қисмида барча нарсаларнинг тафсилоти битилган эди, қолган қисмида эса фақат ҳидоят ва раҳмат бор эди. (“Тафсири Мунийр”дан).
87-88. Улар айтдилар: «Бизлар сенга берган ваъдани ўз инон-ихтиёримиз билан бузганимиз йўқ. Лекин бизлар (Мисрдан чиқиб келаётганимизда Фиръавн) қавмининг зеб-зийнатларидан иборат нарсаларни кўтариб чиққан эдик, бас, (Сомирийнинг амри билан) уларни (оловга) ташладик. Сўнг Сомирий ҳам (ўзи кўтариб чиққан нарсаларни оловга) ташлади. Сўнг уларга (Сомирий ўша зеб-зийнатларни оловда эритиб, худди тирик бузоқ каби) овози бор ҳайкал-бузоқ (ясаб) чиқариб берди, сўнг (Сомирий ва унинг шериклари) дедилар : «Сизларнинг илоҳингиз ҳам, Мусонинг илоҳи ҳам мана шу (бузоқ) эди, (Мусо) унутиб, (уни бошқа ердан излагани кетибди)».
“Маолимут-танзийл” тафсирида баён қилинишича, Бани Исроил - яхудлар ўзларининг душманлари бўлган Фиръавн зулмидан нажот топиб, Муқаддас Замин - Шомга келар эканлар, уларнинг бирон Китоблари, шариат аҳкомларини ўргатадиган қўлланмалари йўқ эди. Бас, Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга Тавротни нозил қилишга ваъда берди ва унга ушбу Илоҳий Қўлланмани қабул қилиб олиш учун Тур тоғига келиб, у жойда қирқ кеча ва қирқ кундуз туришни буюрди. Шунда Мусо ўз қавмига: “Мен Парвардигорингиз Оллоҳ таолонинг Ўзи белгилаган жойга кетмоқдаман. У жойдан сизларга бир Китоб келтираманки, унда сизлар қилишингиз керак бўлган ва қилмасликларингиз керак бўлган барча нарсалар баён қилинган бўлади”, деди ҳамда улар билан қирқ кеча-ю, қирқ кундузга, яъни ўттиз кун Зул-Қаъда ва ўн кун Зул-Ҳижжа ойини ўтказиб қайтиб келишга ваъдалашди-да, оғаси Ҳорунни уларнинг устида ўзининг ўрин-босари қилиб қолдирди. Оллоҳ таоло белгилаган кун келгач, Мусони Парвардигор ҳузурига олиб кетиш учун фаришта Жаброил алайҳис-салом инсон суратида, отлиқ ҳолда келди. У минган от “фарасул-ҳаёт - ҳаётбахш от” деб номланган эдики, нимага тегиб кетса, ўша жонланиб - тирилиб кетарди. Шунда Сомирий исмли бир иймонсиз яҳудий заргар бу ҳолни -Жаброил минган отнинг туёғи теккан ер ўша онда кўкариб - жонланиб қолаётганини кўриб, ўша тупроқдан бир сиқимини олиб яшириб қўяди.
Бани Исроил Мисрдан чиқиб кетадиган кунларда бир тўй баҳона Фиръавн қавмидан катта миқдорда қимматбаҳо зеб-зийнатларни омонатга олган эдилар. Оллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини ҳалок қилгач, ҳалиги зеб-зийнатлар бани Исроилнинг қўлида қолади. Мусо алайҳис-салом кетганидан кейин маккор Сомирий бани Исроилга: “Сизлар Фиръавн қавмидан омонатга олган зеб-зийнатлар сизлар учун ҳалол бўлмаган ўлжадир. Шу сабабдан Мусо қайтиб келиб ўз фикрини айтгунича, ўша зеб-зийнатларни бир чуқур кавлаб кўмиб қўйинглар”, дейди.
Суддийнинг айтишича, Ҳорун алайҳис-салом ҳам уларга Мусо қайтгу-нича ўша нарсаларни бир чуқурга ташлаб кўмишни буюргач, улар шундай қилдилар. Сомирийнинг ўйлаган иши амалга ошиб, зеб-зийнатлар бир жойга тўплангач, у уч кун ўтириб улардан бир бузоқнинг ҳайкалини ясади ва у ҳайкал устига Жаброил алайҳис-салом миниб келган отнинг туёғи теккан тупроқни сочганида, олтиндан қуйилиб, дургавҳарлар билан безатилган бузоқ ҳаракатга келиб, овоз ҳам чиқарди.
Мана шу фитна сабаб, бу хиёнаткор қавм Оллоҳ ва Унинг элчиси Мусога берган ваъдаларига хиёнат қилдилар. Ҳорун алайҳис-салом ва яна ўн икки минг кишидан бошқа барча яхудлар ўша Сомирий ясаган бузоққа сиғина бошладиларки, ҳақиқатда бу қилмиш уларнинг Ҳақ Йўлдан озганлари - ўз жонларига жабр қилганлари эди. Чунки ибодат қилинишга лойиқ ва ҳақли бўлган Танҳо Зот Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзидир. Ким Оллоҳни қўйиб, бошқа ҳар қандай нарса ёки кимсага ибодат қилар - сиғинар экан, у золимдир. Бу ҳақда Ҳақ таоло мана бу ояти каримасида хабар беради: “Мусонинг қавми ундан кейин (яъни, у Тур тоғига Оллоҳга муножот қилиш учун кетганидан кейин) ўзларининг безак буюмларидан овоз чиқарадиган бир бузоқ жасадини (ясаб) олдилар (ва унга ибодат қила бошладилар) - ахир улар ўша (бузоқ) сўзлай олмаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини кўрмадиларми?! - ўшани (ибодат қилиш учун) ушлаб, улар (ўзларига) зулм қилгувчи бўлдилар”. (Аъроф, 148-оят).
89. Ахир у қавм ўша (бузоқ) уларга бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми - билмайдиларми?!
Яъни, ўша бузоққа сиғинган кимсалар ўйлаб кўрсалар бўлмайдими?! Ахир у ҳайкал уларга бирон сўз айта олмаяптику ёки бирон сўзга жавоб ҳам қайтара олмаяптику, бас, қандай қилиб ўша жонсиз ҳайкални илоҳ деб унга қараб чўқинмоқдалар?! Ахир улар ўша жонсиз-забонсиз бузоқуларга ҳеч қандай зиён ёки фойда етказишга қодир эмаслиги ҳақида бир тафаккур қилсалар бўлмайдими?! Афсуски у қавм мана шу оддий, очиқ ҳақиқатни кўрмади ва олти юз минг яҳудий саноқли кунларда - Мусо алайҳис-салом уларнинг орасида бўлмаган ўша қирқ кун ичида ёппасига бутпараст-бузоқпараст бир қавмга айландилар-қолдилар! Аслида у қавмнинг қонида бутпарастлик борлиги улар фиръавн зулмидан нажот топган кунлардаёқ кўринган эди. Бу ҳақда Ҳақ таоло мана бу ояти каримада хабар бергандир: “Ва Биз бани Исроилни (Эсон-омон) денгиздан ўтказдик. Шунда улар бутларига сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар ва: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Албатта сизлар билмайдиган қавмдирсизлар. Ахир уларнинг (ибодат қилиб) турган нарсалари йўқ бўлгувчи, қилиб турган амаллари эса ботил-ку?” (Аъроф сураси, 138-139-оятлар).
Демак, Мусо алайҳис-саломнинг қавми бўлганликлари учун, зоҳирда унга иймон келтирганлари сабабли фиръавн зулмидан нажот топган бани Исроил қавмидан кўпларининг қалбларига иймон етиб бормаган экан. Уларнинг аксариси тил учида Мусо пайғамбарга иймон келтирганлари билан дилларида кофирликларича қолган эканлар. Шунингучун ҳам денгиздан эсон-омон ўтиб олишгач, йўлларидан чиққан бир мушрик қавмнинг бутларга сиғинаётганларини кўрганларида кўзлари ўйнаб кетди ва Мусодан: “Бизларга ҳам ана уларнинг бутларига ўхшаган бир бут ясаб бер”, деб талаб қила бошладилар. Ҳолбуки улар Оллоҳ таолонинг Қудрати нақадар улуғлигини, Унинг буюк Мўъжизаларини такрор-такрор ўз кўзлари билан кўрган эдилар, У Зот Фиръавн ва унинг лашкарларини қандай ҳалок қилганига гувоҳ бўлган эдилар. Бовужуд, шуларнинг барчасини кўриб-билиб туриб, ўзларига нажот берган Ёлғиз Маъбуди Барҳақ Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат қилишга кўнгиллари тўлмай, сиғиниш учун бут ясаб беришни талаб қилар эдилар ва бу билан ўзларининг яхшиликни билмайдиган, неъматларга шукр қилмайдиган қавм эканликларини исбот қилиб турар эдилар. Уларнинг бундай кўрнамакликларини кўриб лол-у ҳайрон бўлган Мусо алайҳис-салом: “Ҳақиқатан сизлар ҳақ билан ноҳақни ажрата омлайдиган жоҳил, Яратганни танимайдиган нодон қавмдирсизлар”, деди ва уларга бутпарастларнинг сиғинаётган бутлари ҳам, улар ишонган бузуқ ақидалари ҳам йўқ бўлиб кетишини, қилаётган амаллари эса ботил-беҳуда ишлар эканини тушунтирди.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит тафосийр” китобида ўрганаётганимиз ояти карима тафсирида мана бу ривоят келтирилибди: Яҳудлардан бири Алий розияллоҳу анҳуга: “Сизлар ҳали пайғамбарингизни дафн қилмай туриб ихтилоф қилиб ўзаро талаш-тортишни бошлаб юбордингизларку”, деб пичинг қилган эди, Алий каррамаллоҳу важҳаҳу дарҳол жавоб қилди: “Бизку у зот вафот қилганларидан кейин ихтилоф қилдик, аммо ҳаётлик пайтларида бирон ихтилоф қилганимиз йўқ. Сизлар бўлсангиз ҳали қадамларингиздан денгиз нами кетмасдан туриб пайғамбарингиз Мусо алайҳис-саломга: “Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо ясаб берасан”, деб талашиб тортишган эдингизлар”.
90-91. Ҳолбуки, (Мусо қайтиб келишидан) илгари, дарҳақиқат, Ҳорун уларга: «Эй қавмим, сизлар бу билан фақат имтиҳон қилиндингиз, холос, (бас, у бузоққа сиғинмангиз)! Шак-шубҳа йўқки, сизларнинг Парвардигорингиз Ёлғиз Раҳмон - Марҳаматли Оллоҳдир. Бас, менга эргашинглар ва амримга итоат қилинглар!», деган, улар эса: «То бизларга Мусо қайтмагунича, ҳаргиз (мана шу бузоққа) ибодат қилиб - сиғинишдан ажралмаймиз», деган эдилар.
Яъни, аниқки, ҳали Мусо алайҳис-салом Тур тоғидан қавми олдига қайтиб келишидан илгари Ҳорун алайҳис-салом Сомирийнинг макрига алданиб бузоққа сиғина бошлаган у қавмга: “Эй қавмим, бу бузоқ фақат сизларнинг иймонингиз ҳақиқийми ёки тил учида келтирилган “иймон”ми имтиҳон қилиш учун бир фитна-синов эди, холос, у ҳеч қачон сизларнинг роббингиз бўла олмайди. Сизларнинг ибодат қилишингизга мустаҳиқ бўлган Танҳо Парвардигорингиз сизларга фиръавн ва унинг лашкарларидан паноҳ берган ва яна бошқа сон-саноқсиз неъматлар ато этган Меҳрибон Оллохдир. Бас, шундай экан, сизлар у сеҳргарнинг сўзларига эргашмасдан менга - Меҳрибон Парвардигорингизнинг элчисига эргашингиз ва мен буюрган ишга итоат қилингиз”, деганида, у қавм Ҳорун алайҳис-саломнинг бу холис панд-насиҳатига қулоқ солмадилар, унинг сўзларини писанд ҳам қилмадилар, балки: “Биз сен келтирган бирон ҳужжатни қабул қилмаймиз, биз фақат Мусонинг сўзини қабул қиламиз. Бас, то Мусонингўзидан эшитмагунимизча, унинг ўзи олдимизга қайтиб келиб сенинг сўзларингни тасдиқламагунича мана шу бузоққа ибодат қилишимизни ҳаргиз тўхтатмаймиз”, дедилар. Чунки у жоҳил қавм маккор Сомирийнинг сеҳр-жодусига шу қадар алданиб қолган эдиларки, ҳатто ўзларича: “Мусо ҳам қайтиб келгач, албатта мана шу бузоққа сиғинади”, деб ишониб ҳам олган эдилар. Уларнинг ҳеч қандай сўзга қулоқ солмаётганларини кўрган Ҳорун алайҳис-салом олти юз минг ададли адашган қавм ичидаги бузоққа сиғинмаган ўн икки минг кишини олиб узлатга чекинишга мажбур бўлди. Бас, қачонки Мусо алайҳис-салом ўзи билан бирга олиб кетган етмиш киши билан қав-ми олдига қайтиб келганида бузоқ атрофида айланиб рақсга тушаётган қавмнинг телбаларча бақириб-қичқираётганларининг устидан чиқди ва ёнидаги ҳамроҳларига: “Бу фитнанинг овози”, деди. (“Тафсири Мунийр”дан).
92-93-94. (Мусо): «Эй Ҳорун, уларнинг йўлдан озганларини кўрган пайтингда менинг ортимдан боришингдан (ва менга бу ҳақда хабар беришингдан) сени нима тўсди?! Менинг амримга итоатсизлик қилдингми?!» деган эди, (Ҳорун): «Эй онамнинг ўғли, сен менинг соч-соқолимдан тортмагин. Мен (агар бузоққа сиғинаётганларни қўйиб, йўлдан озмаган кишилар билан сенинг ортингдан борсам) «Менинг сўзимни кутмай, бани Исроилни бўлиб юборибсан», дейишингдан қўрқдим», (деди).
Яъни, қавмининг Тўғри Йўлдан озганини ўз кўзи билан кўргач, Мусо алайҳис-салом ғазабдан ўзини тута олмай қолди ва беихтиёр оғасининг соч-соқолидан тутиб: “Эй Ҳорун, сен бу қавмнинг Ҳақ Йўлдан чиқиб кетганларини кўриб ҳам уларни залолатдан қайтармай ёки уларга қарши жанг қилмай жим қараб туравердингми?! Ахир Оллоҳнинг динига қарши қилинаётган жиноятга жим қараб туриш ҳам Оллоҳнинг динига қарши жиноят эканлигини билмасмидинг?! Агар улар сенинг сўзларингга қулоқ солмаган бўлсалар, у ҳолда бу қавм хато йўлга қадам босишлари биланоқ вақтни ўтказмасдан менинг ортимдан бориб бўлган воқеадан мени хабардор қилишдан сени нима тўсди?! Ёки сен, мен Тур тоғига кетар эканман васият тарзида айтган: “Сен қавмим устида менинг ўринбосарим бўлгин ва (агар улар ёмон амал қиладиган бўлсалар), тузатгин. Бузғунчи кимсаларнинг йўлига эргашмагин”, (Аъроф сураси, 142-оятдан), деган сўзимга-амримга итоатсизлик қилдингми?!” деган эди, Ҳорун алайҳис-салом биродарига узрини баён қилиб, ояти каримада зикр қилинган сўзларини айтди. Оға-ини ўртасида ўша соатда бўлган мулоқот ҳақида бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Қачонки Мусо қавмига (Уларнинг бузоққа сиғинганликларидан) ғазабланган ва ғамга ботган ҳолда қайтгач: «Менинг ортимдан нақадар ёмон (ишлар қилиб) қолувчи (халифа) бўлдингизлар. Парвардигорингизнинг Амр-Фармони (етиб келгунича сабр қилмай) шошиб кетдингизми?», деб, (ғазабланганидан қўлидаги) лавҳларни ташлаб юборди ва акасининг бошидан (сочи-дан) ушлаб ўзига торта бошлади. (Ҳорун) деди: «Эй онамнинг ўғли - укажон, бу қавм мени хўрлаб, ўлдиришларига оз қолди, энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирмагин ва мени бу золим қавм билан бирга деб билмагин”. (Аъроф сураси, 150-оят).
Дарҳақиқат, Ҳорун алайҳис-салом - Ҳақ таолонинг Фазлу Раҳматидан яралган ва Мусо алайҳис-саломга Оллоҳтаолонинг Илоҳий ҳадяси бўлган у улуғ зот Яратганнинг мужассам Раҳмати эди, бир туғишган укасига бениҳоя меҳрибон эди.
“Биз (Мусога) Ўз Фазлу Марҳаматимиз билан (унга ёрдамчи бўлсин, деб) пайғамбар бўлмиш оғаси Ҳорунни ҳадя этдик.” (Марям сураси, 53-оят).
Ана ўша Ҳорун, бани Исроил қавмининг йўлдан озиб бутпарастлик кўчасига кириб қолганидан ғазабланиб ўзини қўярга жой топа олмаётган укаси Мусога: “Эй онамнингўғли”, деб - икковларининг бир онадан туғил-ганларини эслатиш билан ўткир табиатли укасини меҳр-шафқатга чорлаган ҳолда: “Сен мени маломат қилмагин, Оллоҳ таоло зиммамга қўйган вазифани адо этишда бепарволик қилган деб ҳам ўйламагин. Мен уларнинг қилмишларига қарши турдим, холис насиҳатлар қилиб уларни ноҳақ йўлларидан қайтаришга уриндим, аммо уларнинг ҳаммалари бир бўлишиб, мени яккалаб қўйишди, сўзларимга мутлақо қулоқ солишмади, ҳатто мени ўлдириб юборишларига оз қолди. Эй онамнинг ўғли, энди сен ҳам менга ғазаб қилиш билан мени ўлдириб, душманларни кулдирма ва мени ҳам у золимларнинг қаторига қўшиб қўйма”, деди. Ҳорун алайҳис-саломдан бу сўзларни эшитган Мусо алайҳис-салом бани Исроил қилган қилмишларда оғасининг ҳеч қандай айби йўқ эканини билди, унинг адашган қавм орасида қанчалар қийналганини тасаввур қилди ва Парвардигорга дуо қилди -
“(Мусо) деди: «Парвардигорим, мени ва оғамни Ўзинг мағфират қилгайсан ва бизни Ўз Раҳматингга дохил қилгайсан, Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг Раҳмлироғисан”. (Аъроф сураси, 151-оят).
Яъни, Мусо: “Парвардигоро, оғамга ноҳақ ғазаб қилганим учун мени ва агар бани Исроил қавмини нотўғри йўлдан қайтаришда сусткашликка йўл қўйган бўлса оғамни Ўзинг кечиргайсан, бизни Ўз Раҳматингга - жаннатингга дохил қилгайсан. Чунки Сен бизга ўзимиздан ҳам, ота-онамиздан ҳам Меҳрибонроқсан”, дед дуо қилди. Мусо алайҳис-салом оғасини рози қилиш учун ва бани Исроил қавми унинг оғаси билан бирга эканини билишлари учун ушбу дуони жаҳрий - баланд овоз билан қилган экан.
Ушбу оятларда баён қилинган воқеалар, хусусан, Мусо алайҳи-саломнинг ўз акасига қилган муомаласи ўқувчини ўйлатиб қўйиши мумкин. Аммо Оллоҳ таолонинг бу улуғ элчисининг нима сабабдан ўзини тўхтата олмайдиган даражада ғазабланиб хафа бўлганига эътибор қилсак, ўзимиз учун бу ҳодисада улуғ ибрат намунаси борлигини кўрамиз. Яъни, Мусо алайҳис-салом ўша соатда бирон шахсий манфаат ёки дунёвий ғараз сабабли ғазаблангани йўқ, балки диний ҳамияти қўзғалиб, Оллоҳ таоло буюрган дин ва иймоннинг ҳимояси учун ғазабландики, бу ҳар бир мўмин-мусулмон учун ибратдир. У улуғ зот ўшанда Ёлғиз Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога одамлар ўзлари ясаб олган бузоқ-бутларини шерик деб, унга сиғинаётганларини кўриб ғазабланди, Ҳорун алайҳис-салом уларни бу ботил йўлдан қайтара олмаганини кўриб, ўзини тўхтата олмай қолди. Албатта инсоннинг сал нарсага ғазабланавериши айб, шахсий манфаатига ёки менлик ғурурига тегиб кетилганида дарҳол ғазаб отига миниши эса, жаҳолатдир, аммо шу билан баробар, динига - иймонига тош отилаётганда ғазабланмасдан тош қотиб, томошабин бўлиб турган кимса ҳам мусулмон эмасдир. Ҳақ таолонинг севикли бандаларидан бўлмиш Мусо алайҳис-салом мусулмон учун энг азиз неъмат бўлган Динга - Иймонга тош отилаётганини кўриб чидай олмайди.
95. У: «Бу нима қилганинг, эй Сомирий?», деди.
Яъни, Мусо алайҳис-салом Сомирий қилган фитнани ўша бузоққа сиғинаётган кимсалар ҳам аниқ билиб олишлари учун ҳамманинг олдида унга мурожаат қилиб: “Эй Сомирий, бу ишни қилишга, яъни, ўз қавмингни Тўғри Йўлдан оздириб, ўзинг ясаган бузоқнинг ҳайкалига чўқинтиришингга сени нима мажбур қилди?” деган эди -
96. У айтди: «Мен (бани Исроил) кўрмаган нарсани кўриб қолдим. (Яъни, Жаброил сенинг олдингга келганида ҳаёт отига миниб келган эди. Унинг туёғи теккан тупроқ дарҳол кўкариб, унга жон кирарди, мен шуни кўриб қолган эдим), бас, элчи - Жаброилнинг босган изидан бир сиқим олиб, уни (бузоқнинг ҳайкалига) сочган эдим (ундан тирик бузоқ каби овоз чиқди. Буни кўрган бани Исроил қавмидан бўлган одамлар у бузоққа сиғина бошладилар). Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди».
Сомирий бу сўзлари билан ўзининг бани Исроил қавми олдида қилган мудҳиш жиноятига иқрор бўлди ва фақат ҳавойи нафсига эргашиб мана шу ишга қўл урганини барча гувоҳлар олдида ўз оғзи билан айтди. Ҳаммага Сомирийнинг илгари уларга айтган сўзлари ҳеч қандай ҳужжат-далил ёки Илоҳий илҳомга асосланган эмаслиги аён бўлди.
Қатода айтади: “Сомирий бани Исроил қавмининг катталаридан бўлиб, Сомира қабиласидан эди. Аммо у бадбахт кимса Мусо алайҳис-салом билан бирга эсон-омон денгизни кесиб ўтганларидан кейиноқ мунофиқлик йўлига кирди ва бани Исроил қавмини Тўғри Йўлдан оздириш учун пайт пойлай бошлади. Бас, қачонки бани Исроил йўлларидан чиққан бир мушрик қавмнинг бутларга сиғинаётганини кўрганларида кўзлариўйнаб кетганини ва Мусо алайҳис-саломдан: “Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби бир илоҳ қилиб бер”, (Аъроф сураси, 138-оят) дея бошлаганларини кўргач, у Оллоҳнинг душмани билдики, қавмдан кўпчилигининг қалбларига иймон етиб бормаган экан ва кўнгиллари ҳали ҳам бутпарастликка мо-йил экан. Бас, нафси унга жуда хунук бир ишни - одамларни бузоқ хайкалига чўқинтиришни чиройли қилиб кўрсатди ва у мазкур жиноятга қўл уриб, жуда кўп одамларни йўлдан оздирди”. (“Тафсири Куртубий”дан).
97. (Мусо) деди: «Бас, йўқол! Энди сен учун ҳаётда «(Менга) тегинманглар», дейишгина бордир (яъни, умрингнинг охиригача яккамохов бўлиб қолурсан. Охиратда эса) сен учун ҳаргиз хилоф қилинмайдиган бир ваъда-азоб бордир. Сен устидан жилмай ибодат қилган «илоҳ-”ингни(нг ҳоли)ни кўриб қўй. Биз албатта уни куйдириб, сўнгра (кулини) денгизга сочиб юборурмиз.
Ушбу сўзларини айтгач, Мусо алайҳис-салом бани Исроил қавмига бундан кейин биронталари у бадбахтга яқин йўламасликларини буюрди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Шундан кейин Сомирийга ҳатто ўзининг ота-онаси ва болалари ҳам яқин йўламадилар ва уни ҳам ўзларига яқинлашишига йўл қўймадилар. Бас, у дашту саҳроларда ваҳший ва йиртқич ҳайвонлар орасида тентираб юрди. Оллоҳтаоло у бадбахт кимсани ҳаёти дунёда мана шундай даҳшатли жазога гирифтор қилди - одамлар ундан жирканишларидан ташқари унинг ўзи ҳам бирон кимсага йўлиқиб қолса, худди ояти каримада зикр қилинганидек “Ло мисос - менга тегинманглар”, дейдиган бўлди”. Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, агар кимдир билмасдан унга тегиб кетадиган бўлса, текканни ҳам, у бадбахтнинг ўзини ҳам шундай қаттиқ безгак тутар эдики, бу азобдан безиллагани учун Сомирийнинг ўзи тинмасдан “Менга тегинманглар”, деб бақириб юришга мажбур эди. Шундай қилиб Оллоҳ таоло уни дунё ҳаётида яккамохов бўлиш жазосига дучор қилди ва Охират диёрида ҳам унга шак-шубҳасиз бериладиган мангу ва мудҳиш жазо борлиги ҳақида ваъда берди.
98. (Эй инсонлар), шак-шубҳасиз, сизларнинг Илоҳингиз Ёлғиз Оллоҳдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У барча нарсани Ўз Илми билан қамраб олгандир”.
Яъни, Мусо алайҳис-салом жодугар Сомирийнинг фитнасига алданиб бузоққа сиғина бошлаган бани Исроил қавмига қараб гўё шундай деди: “Сизлар сиғинаётган бу бузоқ ҳеч қандай илоҳ эмасдир. Демак, унга ибодат қилишларингиз ширк ва энг оғир гуноҳдир. Ҳақиқат шуки, Сизларнинг Илоҳингиз Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзидир ваУнингҳеч қандай шериги йўқдир. Бас, ибодат қилишларингизга Ҳақдор бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ - Ҳақ таолодир, Ундан ўзга бирон кимса ва нарсага ибодат қилиш ҳеч ким учун ҳеч қачон дуруст бўлмас. Чунки коинотда мавжуд бўлган барча нарса Унга муҳтож ва Унинг қулидир. У ҳамма нарсани Билгувчидир - У ҳамма нарсани Ўзининг азалий ва абадий Илми билан қамраб олгандир. Бас, на Ер ва на осмондаги зарра мисқолича нарса ҳам Ундан ғойиб бўла олмас. Шоҳидан узилиб тушаётган ҳар бир барг ҳам, ер остидаги зулматларда яшириниб ётган хдр бир хўл-у куруқ уруғ ҳам Унга маълумдир - Унинг хузуридаги очиқ Китобда - Лавҳул-Маҳфузда бордир. Бас, Ёлғиз УнингЎзига ибодат қилинглар!” Мана шундай қилиб, ушбу сурайи каримадаги Мусо алайҳис-салом ва унинг қавми ҳақида хабар берилган Илоҳий қисса ўз ниҳоясига етди.
Аввалги оятларда: “Дарҳақиқат, Мен Оллоҳдирман. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Мен бордирман. Бас, сен Менга ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо эт!” (Тоҳа сураси, 14-оят), деб бошланган мазкур қисса хотимасида ҳам: “(Эй инсонлар), Шак-шубҳасиз, сизларнинг Илоҳингиз Ёлғиз Оллоҳдир. Ҳеч қандай Илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир”, деб ниҳояландики, бундан Оллоҳ таоло инсониятга юборган ҳар бир пайғамбарнинг зиммасидаги рисолат - вазифа ўз қавмларига мана шу Буюк Ҳақиқатни етказиш эканлиги аён бўлади. (“Тафсири Мунийр”дан).
99. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга ўтиб кетган (авлодларнинг) хабарларини мана шундай қилиб сўйлаб берурмиз. Дарҳақиқат, Биз Сизга Ўз даргоҳимиздан (шундай Буюк) бир Эслатма - Қуръонни ато этдик.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Биз Сизга Мусо алайҳис-салом ҳақида, у билан фиръавн ва лашкарлари, сеҳргарлари ўртасида бўлиб ўтган можаролар ҳақида ҳамда бани Исроил қавми бошига тушган кўргуликлар тўғрисида қандай ҳаққоний ва тўласича воқеий қиссаларни сўйлаб берган бўлсак, ўтган барча умматлар билан бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳам худди мана шундай ҳаққоний ва тўласича сўзлаб берурмиз. Токи бу воқеа-ҳодисалар зикри қавмингиздаги мушрик кимсалар томонидан озор-азийятлар чекиб тушкунликка тушган вақтларингизда Сизга таскин-тасаллий бўлсин ва ўтган пайғамбарларнингўз қавмлари томонидан чеккан жабру жафоларидан хабардор бўлиб, у пайғамбарларнинг қандай сабр-матонат ва шараф билан зиммаларидаги рисолат вазифасини адо этганларидан ибратлар олинг ва токи олис ўтмиш қаърига сингиб кетган умматлар ҳаётидан ҳикоя қилгувчи бу рост хабар ва қиссалар Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканлигингизга ҳужжат ва далил бўлсин.
“Дарҳақиқат, Биз Сизга Ўз даргоҳимиздан (мана шундай Буюк) бир Эслатмани - Қуръонни ато этдик”. Ушбу Китоб шу қадар Буюк Эс-латмаки, “Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни, Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) Ҳикмат ва Ҳамду сано Эгаси томонидан нозил қилингандир”. (Фуссилат сураси, 42-оят). У шу қадар тенгсиз Каломки, Сиздан илгари ҳеч бир пайғамбарга Қуръон каби мукаммал, ўзида ўтмиш ва келажак ҳақидаги хабарларни жамлаган Китоб берилган эмасдир. Ушбу Эслатмада одамлар ўртасида чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай можаронинг энг адолатли ажрими мавжуд бўлгани каби инсоният учун ҳам динда, ҳам дунёда ва ҳам Охиратда асқо-тадиган барча яхшиликлар ҳамда жамийки улуғ ахлоқ-одоб қоидалари ва ҳақиқий бахтли ҳаёт йўл-йўриқлари ҳам тўла-тўкис жамлангандир.
100-101. Кимда-ким ундан юз ўгирса, бас, албатта у Қиёмат Кунида (гуноҳнинг энг оғир) юкини кўтариб турар. Улар у (юк)нинг остида абадий қолурлар. У (юк) Қиёмат Кунида улар учун нақадар ёмон-оғир юк бўлди.
Яъни, кимда-ким шундай Буюк Эслатмадан юз ўгирса - унинг Ҳақ Каломуллоҳ эканига иймон келтирмаса ва демак, ушбу Китобдаги Илоҳий кўрсатмаларга амал қилмаса, бас, у юз ўгиргувчи Қиёмат Кунида оғирлигидан кўтаргувчисини эзиб белини синдириб юборадиган гуноҳ юкини кўтариб туради, кўтарганда ҳам, ундай кимсалар, ўша юк, яъни, ҳеч тоқат қилиб бўлмайдиган азоб-уқубат остида абадул-абад қолиб кетадилар. Ҳам дунё, ва ҳам Охират саодатига сабаб бўлган Илоҳий Эслатмадан - Қуръондан юз ўгирган кимсалар улар учун бу мудҳиш жиноятлари Қиёмат Кунида нақадар оғир ва мангу юк бўлишини билганларида эди!
102. У сур чалинадиган Кундир. Ана ўша Кунда Биз жиноятчи-кофир кимсаларни кўзлари кўк (яъни, нурсиз, юзлари эса қаро) бўлган ҳолларида йиғурмиз.
Яъни, Қиёмат Куни шундай бир Кунки, у Кун келганида Оллоҳ таолонинг Амри билан фаришта Исрофил алайҳис-салом сур чалиб, жамийки жонзотни “уйқусидан уйғотади” ва ўликлар ҳисоб-китоб қилиниб, аввалги ҳаётларида қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг жазо ва муко-фотларини олишлари учун қайтадан тириладилар.
“Сур чалинадиган (яъни, Қиёмат қойим бўладиган) Кунда Подшоҳлик Ёлғиз Уникидир”.
Термизий Абу Саид Худрий розияллоҳу анхудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен қандай ҳузур-ҳаловатда яшайман, ҳолбуки сур соҳиби (Исрофил алайҳис-салом) сурни оғзига яқинлаштириб, бош-у қулоғи билан қачон сурни чалиш буюрилишига кулоқ солиб кутиб турибди”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у ҳолда бизга нима қилишимизни буюрасиз”, деган эдилар, у зот: “Бизга Оллоҳнинг Ўзи Етарлидир. У нақадар яхши Вакилдир”, деб айтинглар” дедилар.
У Кунда Ердаги подшоҳларнинг подшоҳликлари, мулку давлатлари зойил-йўқ бўлур, Ёлғиз УнингЎзи Эга ва Подшоҳликда барқарор бўлур. “У жазо Кунининг Эгаси - Подшоҳидир”. (Фотиҳа сураси, 4-оят).
Ана ўша Кунда Ҳақ таоло жамийки махлуқотни буюк маҳшаргоҳга тўплаганида кофир-мушрик ҳолда яшаб ўтган кимсалар ва қилган гуноҳлари Оллоҳ таоло томонидан мағфират қилинмаган гуноҳкор-осийларнинг кўзлари худди ўликнинг кўзидек кўм-кўк шиша бўлиб, қолган аъзойи баданлари эса, даҳшат ва ташналикдан қорайиб кетган ҳолларида бошқалардан ажралиб турадилар.
103-104. Улар шивирлашиб бир-бирларига: «(Дунёда) ўн кунгина турдинглар, холос», (дейдилар). Биз уларнинг нима деётганларини жуда яхши Билгувчидирмиз. Ўшанда уларнинг энг намунали йўлни тутган - донолари: «Бир кунгина турдинглар», дейди.
Яъни, кофир ва осий кимсаларнинг Қиёмат даҳшатларини кўрган чоғларида бениҳоя хўрлик ва қўрқувдан нафаслари, оғизларига тиқилиб, овозларини кўтариб сўзлашдан қўрққанлари учун шивирлашиб бир-бирларига айтадиган сўзлари: “Сизларнинг ҳаёти дунёда турган муддатларингиз ҳаммаси бўлиб ўн кундан ошмас”, дейишлари бўлади. Уларнинг орасидаги энг топағон ақллилари бўлса, ўн кунлик муддатни ҳам кўп санаб: “Йўқ, асло! Қанақа ўн кунни гапирмоқдасизлар? Сизлар ҳаёти дунёда биргина кундан ортиқ турганларингиз йўқку”, дейди. У Куннинг Эгаси бўлган Зот эса, у жиноятчи кимсаларнинг нималар деб шивир-шивир қилаётганларини жуда яхши Билгувчидир. Воқеан, дунё ҳаёти, гарчи одамлар назарида неча ўн йиллар билан саналса-да, Охират ҳаёти олдида бор йўғи бўлиб фақат биргина кундан ортиқ эмасдир
- шу қадар қисқа ва арзимасдир. Фақат мана шу ҳақиқатни мўминлар ҳаёти дунёда эканликларидаёқ англаб, ўткинчи дунё учун эмас, балки мангу Охират учун амал қилсалар, кофир-осий кимсалар эса, бу ҳақиқатни ана ўша Охират Кунини ўз кўзлари билан кўрганларида, яъни, жуда-жуда кеч тан оладилар.
Демак, у жиноятчи кимсаларга ўша Куни албатта айтадиган бу сўзларининг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Ҳолбуки, улар ўшанда бу сўзлари
- “ҳаёти дунёда фақат бир кунгина турганмиз, холос”, дейишлари билан ўзларининг жавобгарликларини енгиллатмоқчи, “Наҳотки шунчалик қисқа муддатда - атиги бир кунгина қилган гуноҳларимиз учун абадул-абад дўзах азоби билан жазолансак?!” демоқчи бўладилар.
Кофирларнинг Қиёмат Кунида бу каби сўзларни айтиб қасамлар ичишлари ҳақида бошқа сураларда ҳам хабар берилади: “Ерда қанча йил турдинглар?», деди (Оллоҳ). Улар айтдилар: «Бир кун ё ярим кун. Санаб тургувчи (фаришталардан) сўрагин”. (“Мўминун” сураси, 112-113-оятлар). “(Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичур-лар”. (Рум сураси, 55-оят).
105. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом),улар Сиздан тоғлар (Қиёмат Кунида қандай ҳолда бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, айтинг: «Парвардигорим уларни (қум каби) тўзитиб сочиб юборур».
Ибн Аббос розияллоҳу анхумо айтади: “Сақийф қабиласидан бўлган бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Қиёмат Кунида тоғлар қай аҳволда бўлади?” деб сўраган эди, ўша захоти Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”. (“Тафсири Бағавийдан).
“Тафсири Мунийр”да эса, бу саволни Қурайш мушриклари сўраганлари, улар: “Эй Муҳаммад, Қиёмат Кунида сенинг Роббинг мана бу тоғларни қай ҳолга солади?” деганларида, ушбу ояти карима нозил бўлгани ривоят қилинади. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан мўминлар ҳам, мушриклар ҳам кўп нарсалар ҳақида сўрар эдилар. Мўминлар Диндаги бирон билмаган масъалаларини билиб олиш учун сўрасалар, мушрик-кофир кимсалар кўпинча Пайғамбар алайҳис-саломни мулзам қилиш учун турли саволлар бераверишар эди. Ҳар икки ҳолда ҳам Ҳақ таоло Ўз Элчисига сўралган нарсанинг жавобини ваҳий қилиб, “айтинг” деб буюрар ва у зот ўша жавобни сўраганларга етказар эдилар. Муфассир уламоларнинг таъкидлашларича, ушбу оятнинг бошқа шу қабилдаги оят-лардан ўзгачалиги шундаки, фақат мана шу оятда “бас, айтинг”, яъни, “дарҳол жавоб беринг”, деб буюрилди. Бунга сабаб, “Руҳул-маоний” тафсирида белгиланишича, масъаланинг ўта муҳим эканлиги, яъни, Охират Кунига иймон келтириш ақидасига доир масъала эканлигидир. Маълумки, ақида бобида мўмин бирон лаҳза иккиланиши дуруст эмасдир. Шунинг учун кимда Қиёмат Кунида барча ҳалойиқ бир теккис майдонда йиғиладиган бўлса, у ҳолда баланд тоғлар одамларни бир-бирларидан тўсиб қолмайдими? деган савол пайдо бўлса, уларга ҳеч кечиктирмасдан дарҳол Оллоҳ таолонинг жавобини айтиб етказиш буюрилди.
106-107. Сўнг У Зот (ўша тоғларнинг ўрнини) силлиқ ва теп-текис қилиб қўюрки, унда на чуқурни ва на дўнгликни кўрурсиз.
Ушбу икки оятда Қиёмат Кунининг Эгаси биз бандаларга икки оғиз сўз билан маҳшаргоҳни тасвирлаб беради. Демак, у Кунда осмонўпар залворли тоғлар Яратганнинг Қудрати билан майда-майда қилиниб, қум каби сочиб юборилади. Улар шу қадар енгил бўлиб қоладиларки, худди титилган жун каби осмонда учиб юрадилар, (Ал-Қориа сураси, 5-оят) ва Ернинг чуқурлик-водийлари устига қуйилиб, тўлдирадилар. Тоғларки шу аҳволга тушганларидан кейин баланд-паст бинолар ҳам ер билан яксон бўлишлари аниқдир. Шундай қилиб, Ер юзида на бир дўнглик ва на бир чуқурлик қолади, ҳатто унда бирон кимсани панасига оладиган бирон дарахт ёки ўт-ўлан ҳам қолдирилмасдан сип-силлиқ ва теп-текис қилиб шундай ёйиб қўйиладики, Ер шу қадар кенгайиб кетадики, инсоният Отаси бўлмиш Одам алайҳис-саломдан тортиб унингжамийки авлод-зурриёти, ҳатто Қиёмат Қойим бўлишидан бир сония аввал дунёга келган чақа-лоққача барча одамзот тўпланиб, ҳаммалари бир-бирларига рўй-рост кўриниб турадиган буюк маҳшаргоҳга айланади ва у мислсиз кенг, бирон ўйдим-чуқур ери бўлмаган теп-текис майдонда тўпланганлардан ҳеч ким ҳеч нарсанинг ортига ўтиб яшириниши мумкин бўлмай қолади.
108. У Кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар - итоат қилурлар ва овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас, фақат пичирлашнигина эшитурсиз.
Яъни, Қиёмат қойим бўлган кунда жамийки одамлар уларни маҳшаргоҳда тўпланишга чорлаётган Оллоҳ таолонинг жарчиси бўлмиш Исрофил алайҳис-саломга сўзсиз ва ҳеч қаёққа эгилмай-бурилмай эргашурлар. У улуғ фаришта сурни иккинчи бор чалиб: “Эй эскириб-чириб кетган суяклар, бўлиниб-узилиб кетган бўғинлар, тирқираб ҳар тарафга сочилиб кетган гўштлар, барчаларингиз ўз жасадларингизга қайтиб жамланинглар ва ўринларингиздан туриб, Раҳмон-Меҳрибон Оллоҳга рўбарў булиш учун юринглар”, дейиши билан жамийки жасадларга қайтадан жон кириб, тўғри, ҳеч қаёққа эгилмай-бурилмай ҳар тарафдан Исрофил томон юрадилар. У Кунда ҳатто овозлар ҳам Раҳмон учун ҳокисор бўлиб таъзим қилганлари-дан бирон овоз эшитилмай қолади, фақатгина бир текисда босилаётган қадамларнинг жуда оҳиста шитирлашларигина қулоққа чалинади. Ушбу, айниқса кофир-осийлар учун ўта даҳшатли бўлган манзара бошқа бир сурада шундай тасвирланади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), энди Сиз улардан юз ўгиринг! Чорлагувчи (Исрофил фаришта) нотаниш бўлган бир нарсага (яъни, Қиёматдаги кофирлар учун бўладиган даҳшатли ҳисоб-китобга) чорлайдиган Кунда улар (кофирлар) кўзлари (кўрқувдан) қуйига боққан ҳолларида гўё ёйилган чигирткалар каби, қабрларидан чиқиб келурлар! Чорлагувчи томонига шошганларича (кетар эканлар), у кофирлар «Бу огир кундир», дерлар!” (Қамар сураси, 6-8-оятлар).
109. У Кунда шафоат - қўллов (ҳеч кимга) фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва У Зот сўзидан рози бўлган киши(нинг шафоатигина фойда берур).
Демак, Қиёмат Кунида, жамийки жонзот Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб учун тўпланган Соатда, У Куннинг даҳшатларидан жонлар халкумга тиқилиб қолган вақтда, ҳар бир инсон ниҳоят даражада қўлловга муҳтож бўлиб қолган пайтида на Ер-у, на кўкдаги бирон кимса Оллоҳнинг Изни - Рухсатисиз бировни қўллай олмайди, шафоат қила олмайди. “Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) Изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)”. (Ван-нажм сураси, 26-оят).
Жаноби Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам хабар беради-лар: У зоти бобаракот Арш остига келиб, бошларини саждага қўйиб, Парвардигорга ҳамду санолар айтиб, ҳушомадлар қилиб, аввал-бошда шафоатдан сўз очмай, саждадан бош кўтармасдан тураверар эканлар, йиғлайверар эканлар. Сўнгра нидо келар эканки: “Бошингни кўтаргин, сўзла-гин тингланур, сўрагин берилур, қўллагин қўлловинг - шафоатинг қабул қилинур”. Шундагина муборак бошларини саждадан кўтариб: “Умматим, умматимнинг гуноҳидан ўтгин, Парвардигор”, деб сўрар эканлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у киши: “Ё Расулуллоҳ, Қиёмат Кунида Сизнинг шафоатингиз сабабли саодатга эришадиган инсонлар кимлар”, деб сўраганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта ҳарислигинг учун бу сўз ҳақида сендан олдин ҳеч ким сўрай олмаслигини билар эдим. Ким чин қалбдан, холис ният билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, ана ўшалар Қиёмат Кунида менинг шафоатим сабабли саодатга эришадиган инсонлардир”, деб марҳамат қилдилар.
110. У Зот уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билур. Улар эса У Зотнинг Илмини қамраб ола билмаслар.
Яъни, Оллоҳ таоло инсонларнинг олдиларидаги - кўз ўнгларидаги дунёнинг ишларидан иборат барча нарсани ҳам, уларнинг ортидаги - ғайбдаги Охират ишларидан иборат барча нарсани ҳам билур. Дунё ва Охират аҳволидан бирон нарса Яратганга яширин эмасдир. Дарҳақиқат, ҳар бир нарсани Билгувчи Оллоҳ таолонинг чексиз ва тубсиз Илми олдида Ер-у кўкдаги инсон ва фаришталарнинг билганлари ҳеч нарса билмаган билан баробардир. “Улар айтдилар: «Эй Пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен Ўзинг Илму Ҳикмат Соҳибисан». (Баҳара сураси, 32-оят). “Оллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?», деб сўрайдиган Кунда, улар: «Биз билмаймиз. Фақат Сенинг Ўзинггина ғайб илмларининг Билгувчисисан», дейдилар. (Моида сураси, 109-оят).
Оллоҳ таолонинг Илми билан бандаларнинг билганлари ўртасидаги нисбат тўғрисида ҳазрати Ҳизир алайҳис-саломдан ибратли бир ривоят бор. У зот Мусо алайҳис-саломга денгизда кетаётганларида кема четига келиб қўниб, сувга тумшуқ солган чумчуқни кўрсатиб: “Мана шу парранда ҳозир олган бир томчи сув бу тубсиз уммондан ҳеч нарса камайтира олмайдиган даражада оз ва арзимас бўлганидек, аввалу охир барча инсониятнинг билими Оллоҳ таолонинг Илми олдида тубсиз денгиздан бир томчи каби жуда ҳам оздир”, деган экан.
111. Юзлар ҳам У Тирик ва абадий Тургувчи Зотга таъзим қилур. Ким (Қиёмат Кунига) зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса, ундай кимсанинг ноумид бўлиши аниқдир.
Дарҳақиқат, оламдаги барча жонзот Оллоҳ унга ҳаёт беришидан аввал ўлик бўлган, яна Оллоҳ ирода қилган соатда ўлади. Фақат Оллоҳ таолонинг Ўзигина азалий Тирикдир, Абадий Тургувчидир. Барча мавжудот яралишида, туришида, ризқу рўзида, дунё ва Охират ҳаётида ана ўша Ягона Яратгувчи бўлмиш Мангу Барҳаёт, абадий Тургувчи Зотга муҳтождир, аммо У Зот ҳеч кимга муҳтож эмасдир. Оламдаги жамийки жонзот Унинг қулларидир ва У Зот бутун борлиқнинг дунё ва Охиратдаги Танҳо Хожаси - Подшоҳидир. Бас, барча иймонли инсонларнинг юзлари ҳар икки дунёда иймон ва ихлос билан Унга эгилиб сажда қилганлари каби, ҳаёти дунёда У Зотга эгилмаган кимсаларнинг юзлари ҳам Охират диёрида У Тирик ва абадий Тургувчи Хожага эгилмасдан, саждалар қилмасдан тура олмаслар. Аммо У Кунда кимда-ким елкасига зулмни ортган ҳолда, яъни, мушрик ҳолда келган бўлса, ундай кимсаларнинг эгилиб-букилишлари, юзларини ердан кўтармай саждалар қилишлари тамоман бефойдадир - уларнинг бор орзу-умидлари у Кунда пучга чиқиши аниқдир.
Саҳиҳ ҳадисда келади: “Зулмдан узоқ бўлинглар! Чунки зулм Қиёмат Кунида зулматларга айланиши аниқдир. Бир кимсанинг умидлари, бор умидлари пучга чиқиши аниқки, агар у Қиёмат Кунида Оллоҳтаолога мушрик ҳолда рўбарў бўлса! Ахир Оллоҳ таоло айтганку: “Албатта ширк келтириш энг катта зулмдир!” (Луқмон сураси, 13-оят). (“Тафсири Мунийр”дан).
112. Ким мўмин бўлган ҳолда яхши амаллардан қилса, бас, у зулмдан ҳам (яъни, унга зулм қилиниб, ўзи қилмаган гуноҳларга масъул бўлишдан ҳам), камайишдан ҳам (яъни, қилган яхши амалларининг савоб-мукофоти тўла берилмай қолишидан ҳам) хавф қилмас.
Демак, иймон Диннинг асоси, пойдеворидирки, ҳар қандай яхши амал фақат иймон билан адо қилинсагина яхши амал ҳисобланади. Иймонсиз қилинган амал илдизи қирқиб ташланган дарахт шохларига ўхшайди - тезда қуриб қолади, ҳеч қандай мева бермайди, бехуда кетади.
Аммо эркакми ёки аёлми мўмин ҳолда яхши амаллар қилса - у амал хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин - ундай инсонларга заррача зулм қилинмаган ҳолда тўла-тўкис ажр-мукофотлари берилади.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобининг мусаннифи шайх Мустафо Мансурий раҳимахуллоҳ айтади: “Ушбу ояти карима иймон билан солиҳ амал бошқа-бошқа нарсалар эканига далолат қилади. Чунки Оллоҳ таоло солиҳ амалнинг ажр-мукофотга сабаб бўлиши учун иймонни шарт қилиб қўйди. Маълумки, бир нарсага ўша нарсанинг ўзи шарт қилинмайди, балки нарса ва унинг шарти бошқа-бошқа нарсалар бўлади”.
113. Шундай қилиб Биз уни (яъни, Қуръони Каримни) арабий Куръон қилиб туширдик ва унда таҳдидли ваъдалардан такрор-такрор баён қилдик. Шояд улар (ширк ва куфрдан) сақлансалар ёки (бу таҳдидлар) улар учун эслатма-ибратларни пайдо қилса!
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг очиқ-равшан Китоби бўлмиш Қуръони Каримни Ер юзига одамлар ақл юритиб, англаб, амал қилишлари учун араб тилидаги Қуръон ҳолида нозил қилганини таъкидлаш билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг она тиллари бўлмиш араб тилини шарафлайди, шунингдек, бу тил фасоҳат ва балоғатда тенгсиз эканига, жамийки тиллар ичида энг бой, оз сўз билан кўп маънони ифодалашга қодир, бошқача айтганда, Каломуллоҳни инсонлар онгига етказиш учун энг муносиб бир тил эканига ишора қилади. Зотан, Ҳақ таолонинг Ер юзига туширган сўнгги ва ҳеч қачон ўзгармайдиган Каломи учун ана ўша буюк тил танланиши албатта беҳикмат эмасдир. Аллома Ибн Касир ўзининг “Қуръони Азим тафсири”да бундай дейди: “Араб тили ҳар жабҳада бошқа тиллардан афзал ва мукаммал тил бўлгани учун ҳам Илоҳий Китобларнинг энг улуғи бўлмиш Қуръони Карим мана шу энг улуғ тилда энг улуғ Элчига энг улуғ фаришта орқали нозил қилинди ва бу иш Ер юзидаги энгулуғ шаҳарда ойларнинг энгулуғи бўлган Рамазони шарифда бошландики, бу фазилатларнинг барчаси Куръон тенги ва ўхшаши йўқ бирдан-бир мукаммал Калом эканига далолат қилади”.
Оятдаги “арабий” калимасининг бир маъноси “соф араб тилида”, дегани бўлса, иккинчи маъноси, “аён, тушунилиши осон тилда”, деган мазмунни ҳам англатади. Шу маънода “арабий Қуръон” ибораси “очиқ-равшан Қуръон”, деганидир.
“...ва унда таҳдидли ваъдалардан такрор-такрор баён қилдикки, шояд улар (ширк ва куфрдан) сақлансалар ёки (бу таҳдидлар) улар учун эслатма-ибратларни пайдо қилса!”
Яъни, Қуръондаги кўп оятларда Оллоҳ таоло кофир ва осийларни аламли азобларга гирифтор қилиши ҳақида огоҳлантиргувчи қўрқинчли ваъдалар қайта-қайта келдики, бунинг ҳикмати, шояд одамлар Оллоҳ таолонинг азобидан кўрқиб гуноҳ-маъсиятлардан четлансалар ёки ўзлари учун бу огоҳлатиришлардан ибрат ва эслатмалар олиб Яратганга тавба-тазарруълар қилсалар ҳамда тоат-ибодатларга иқбол қилсалар.
114. Ҳақ Подшоҳ - Оллоҳ (барча нарсадан) Юксак бўлган Зотдир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизга (Қуръон) ваҳийси битишидан илгари қироат қилишга шошманг (балки фаришта Жаброил Оллоҳ томонидан келтирган оятни тўла ўқиб бўлганидан кейингина қироат қилинг) ва айтинг: «Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин».
Ушбу ояти каримада Оллоҳ таоло Ўзининг энг Юксак мақомдаги бирдан-бир Ҳақ Подшоҳ эканлигини таъкидлаб, сўнгра Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга Илоҳий ваҳийни қандай қабул қилиб олишни таълим беради.
Суддий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам қачон Жаброил алайҳис-салом у зотга Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийни олиб тушса, бирон калима ёдларидан чиқиб қолишидан қўрқиб, сўзма-сўз, балки ҳарфма-ҳарф Жаброилга эргашиб пичирлаб-такрорлаб турар эдилар. Бас, Оллоҳтаоло ушбу оятни нозил қилиб, Пайғамбар алай-ҳис-саломга бундай хавотир ва шошқалоқликнинг мутлақо ҳожати йўқлигини уқтиради ва оят ниҳоясида у зот учун ҳам, барча умматлари учун ҳам жуда муҳим бўлган бир Сўзни айтади, яъни, ҳар қачон янги нозил бўлган бир оятни ўқиб, маъноларини англаб етгач, “мен бу оятни тўла-тўкис тушундим”, демасдан, эҳтимол, унинг ҳали мен англаб етмаган мазмунлари ҳам бордир. Ё Парвардигор, Ўзинг менга Китобингдаги, Динингдаги билмаган нарсаларимни билдиргин ва илмимни янада зиёда қилгин”, деб дуо қилишни буюради.
Барча тафсир китобларида ривоят қилинишича, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қачон ушбу оятни тиловат қилса, “Оллоҳим, Парвардигорим, Ўзинг менинг илмимни, ишончимни ва маърифа-тимни янада зиёда қилгин”, деб дуо қилар экан. Бас, маълум бўладики, “Мен ҳамма нарсани биламан”, дейиш ҳеч нарса билмайдиган кимсалар айтадиган сўз экан.
Ўрганаётганимиз ояти карима мазмунида бошқа сураларда ҳам оятлар келган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай - пичирламай қўя қолинг! Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (яъни, Жаброил фаришта) уни (яъни, ҳар бир ваҳийни) ўқиб битганимиздан сўнггина Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! Сўнгра уни - Куръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир. (Қиёмат сураси, 16-19-оятлар).
Яъни, Оллоҳ таоло Ўз Каломидаги тушуниб етиш мушкул бўлган айрим оятларни Пайғамбар алайҳис-саломга англатиш кафолатини ҳам Ўз зиммасига олиб, Пайғамбаримизни хотиржам қилмоқда. Мана шу оятлар келгач, Расулуллоҳ алайҳис-салом ваҳий нозил бўлаётган вақтда бошларини қуйи солиб, хомуш ўтирадиган ва қачонки ваҳий келтирган Жаброил алайҳис-салом кетганларидан сўнггина нозил қилинган оятларни ўқийдиган бўлдилар.
115. Дарҳақиқат, Биз илгари Одамга (жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслиги ҳақида) буюрган эдик, у (буйруқни) унутди ва Биз унда қатъиятни топмадик.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло энди Ўзининг сўнгги Пайғамбари бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга Ўзининг биринчи пайғамбари ва жамийки инсониятнинг отаси бўлмиш Одам алайҳис-салом ҳаётида рўй берган, ҳар бир одам боласи учун ўта ибратли бўлган бир воқеа ҳақида хабар беради. Юқоридаги оятда Қуръони Азим оятларини ўқишда ва у оятлардан ҳукм чиқаришда шошқалоқлик қилишдан қайтарилгач, ушбу оятларда Оллоҳ таоло қайтарган ишдан қайтмасликнинг ва Унинг Амрини адо қилмасликнинг оқибати ўта хатарли бўлиши ҳақида хабар берилиши албатта беҳикмат эмасдир. Оллоҳ таоло Одам отамизга қандай буйруқ бергани ҳақида мана бу оятларда ҳикоя қилинади: “Ва айтдик: «Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинглар ва ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинглар. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангларки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласизлар». Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан (яъни жаннатдаги бахтли ҳаётдан) чиқарди ва Биз айтдик: «Тушингиз (жаннатдан Ерга! Сизлар - инсон ва шайтон) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача (ажалларингиз етгунча) Ерда маскан тутиб яшайсиз”. (Бақара сураси, 35-36-оятлар). Ушбу оятлар ўз ўрнида ала қадри ҳол тафсир қилиб ўтилди.
116. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», дейишимиз билан улар саждага эгилдилар, фақат иблис бош тортди.
Ушбу ояти карима Оллоҳ таоло ҳузурида отамиз Одам алайҳис-салом нақадар азиз ва мукаррам эканига энг буюк далилдир. Ҳақ таоло аввало Одам ва унинг авлоди учун Ерни яратиб, заминдаги бор жонли-жонсиз нарсаларни унга бўйинсунишга буюргач, энди осмондаги юксак ва мунаввар мавжудот бўлган малоикаларни хдм Одамга сажда қилишга буюрмоқда - одам фариштадан ҳам афзал эканини эътироф этишга чорламоқда! Субҳоналлоҳ! Бу сажда Оллоҳга ибодат, Одамга таъзим саждасидир. Барча фаришталар бир нафас тўхтамасдан Яратганнинг Амрига бўйинсундилар - саждага эгилдилар ва бу билан одамзот афзалул-махлуқот эканини эътироф этдилар. Фақат лаънати иблисгина бош тортди, мутакаббирлик қилди, саждага эгилмади, кофирлардан бўлди. Оят мазмунини англаган ҳар бир ақлли инсон учун катта бир ибрат ярқ этиб кўриниб турибди: саждага - намозга чорланганида бўйинсунган - сажда қилган киши Оллоҳнинг қули, бош тортган, кибр қилган кимса эса иблиснинг қулидир.
Хўш, бу иблиснинг асли, насли-насаби ким ўзи? Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва аксари муфассирлар иблис ҳам асли фаришталардан эди, Оллоҳ таоло фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрганида уларнинг орасида иблис ҳам бор эди, шунинг учун ҳам фаришталарга берилган буйруқ унга ҳам тегишли эди. Агар иблис фаришталардан бўлмаса уларга берилган буйруқдан бош тортгани учун осий бўлмас эди, дейдилар.
Ибн Аббосдан қилинган бошқа бир ривоятда эса иблис жин қавмидан бўлган дейилади. Ҳасан, Қатода каби муфассир уламолар ҳам мана шу кўз қарашни илгари сурадилар ва далил сифатида ушбу ояти каримани келтирадилар: “Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), фаришталарга: «Одамга таъзим қилинг», дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг Амрига бўйинсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари), Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст тутурмисиз?! (Каҳф сураси, 50-оят).
117. Бас, Биз айтдик: Эй Одам, албатта бу (иблис) сенга ҳам, жуфтингга ҳам душмандир. Бас, у икковингизни жаннатдан чиқариб юбормасинки, у ҳолда машаққатда қолурсан.
Яъни, қачонки иблис алайҳил-лаъна Одам алайҳис-саломга сажда қилишдан кибр қилиб бош тортгач, Ҳақ таоло айтди: “Эй Одам, мана бу малъун иблис сенга ҳам, жуфтинг Ҳаввога ҳам аниқ душман бўлгани учун Менинг Амримга итоат қилмай сенга сажда қилишдан бош тортди. Бас, сизлар ҳам унинг сўзига қулоқ солмангиз ва бирон ишда унга бўйсинмангиз! Яна у сизларнинг жаннатдан ҳайдалишингизга сабаб бўлиб қолмасинки, у ҳолда сен Ерда яшашга, ўзинг ва жуфтингга озиқ-овқат, кийим, жой топиш учун умр бўйи меҳнат-машаққатда кун кечиришга мажбур бўлурсан. Бу жойда - жаннатда бўлса, сизлар учун ҳеч қандай меҳнат-машаққатсиз, фақат роҳат-фароғат, кўнгиларингиз нимани истаса, ўша онда ҳозир-у нозир бўлган бир бекаму кўст бахтли ҳаёт ато этилган.
118-119. Албатта, сен у жойда (яъни, жаннатда) оч қолмайсан, яланғоч қолмайсан. Ва албатта, сен у жойда ташна ҳам бўлмайсан, иссиқда ҳам қолмайсан».
Яъни, сен ва жуфтинг Ҳавво учун, эй Одам, жаннатда мутлақо бенуқсон, фароғатли ва мангу ҳаёт бордир. У жойда сен бирон лаҳза очлик ёки ташналик машаққатини тотмайсан, балки кўз кўриб қулоқ эшитмаган ноз-неъматлар ичида тўкин-сочинликда ҳаёт кечирасан, устингда доимо ҳарир-ипаклардан тикилган гўзал ва қимматбаҳо либослар бўлади, оёқларинг остида тинмай оқиб турадиган дарёларнинг биридан бир марта ичган киши ҳеч қачон қайта ташна бўлмайдиган зилол сув, иккинчисидан бениҳоя ёқимли сут, учинчисидан маст қилиб ақлдан оздирмайдиган май, тўртинчисидан шифобахш асали мусаффони ичурсан. У жойда сенга бирон соатда офтобнинг иссиғи озор бермайди, балки доимо, бир-бирига туташиб кетган, ҳеч қачон сарғайиб қуримайдиган жаннатий боғ-дарахтлар соясида бўлурсан.
120. Бас, шайтон унга васваса қилиб: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?», деди.
Яъни, шайтоннинг Одам ва Ҳаввога ҳасади келди. У ўзи ҳайдалган жаннат неъматлари ичида Одам ва Ҳавво мангу роҳат-фароғатда яшаб қолишларига тоқат қила олмасдан одамзотга қарши то Қиёмат қойим бўлгунича қиладиган ҳийла-найранг ва ёмонликларининг энг биринчисини уларнинг Ота ва Онасидан бошлади. У Одам ва унинг жуфтини бир-бирлари олдида ва жаннат малаклари олдида уятга қўйиб, шарманда қилмоқчи бўлди. Чунки инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган фазилатлардан бири уялиш ҳиссиёти эканини ва авратларини - уят жойларини яшириш инсонлар учун бирламчи вазифа эканини иблис жуда яхши билар эди. Яна унга шу нарса ҳам маълум эди - одамзотни шарманда қиладиган энг уят иш, ҳатто уларни жаннат неъматларидан маҳрум қилинишларига сабабчи бўладиган энг ёмон иш Оллоҳ таоло буюрган амалларни қилмаслик ва У Зот қайтарган амаллардан тийилмаслик экани ҳам маълум эди. Шунинг учун ҳам у Одам ва Ҳаввога Оллоҳ таоло қайтарган дарахтга яқинлашишни, унинг мевасидан ейишни чиройли кўрсатиб васваса қилди: “Мен нима учун Роббингиз иккингизни мана бу дарахт мевасидан ейишдан қайтарганини биламан. Чунки агар сизлар шу дарахтлардан ейдиган бўлсангизлар, у ҳолда фаришталарга айланиб қоласизлар ёки одамлигингизча қолсангизлар ҳам, ҳеч қачон ўлмайдиган, мангу яшайдиган кишиларга айланасизлар, Оллоҳтаоло эса буни хоҳламайди”, деди у. Иблис Одам ва Ҳаввони бу икки ёлғон билан васваса қилишига сабаб, биринчидан, фаришталар инсонларга берилмаган айрим фазилатларга эгадирлар: масалан, уларга тоғларни ҳам кўтара оладиган куч-қувват ато этилган ва коинотда рўй берадиган турли бало-қазолар ҳам уларга таъсир қилмайди. Иккинчидан, ҳеч қачон ўлмасдан жаннатда мангу яшаш албатта Одам ва Ҳаввонинг орзуси эди. Шу боисдан малъун иблис уларни мана шу йўсинда алдади
Имом Аҳмад ва Абу Довуд Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дарҳақиқат, жаннатда бир дарахт борки, унинг соясида отлиқ одам юз йил юрса ҳам уни кесиб ўта олмайди. Ўша дарахт абадият дарахтидир”. (“Тафсири Мунийр”дан).
121. Бас, (Одам билан Ҳавво иблиснинг иғвосига алданиб ўша дарахтдан) едилар-у, ўша онда уларнинг авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига итоатсизлик қилиб адашди.
Шундай бўлди. Шайтон Одам ва Ҳаввони алдаб, манъ этилган дарахт мевасидан ейишга қизиқтираверганидан, ёлғон ваъдалар бериб, Оллоҳ таолонинг номига ёлғон қасамлар ичаверганидан кейин улар алдандилар ва Оллоҳ таолонинг: “Шайтон инсонга очиқ душман” деган Сўзини унутдилар, натижада шайтоннинг иғвосига учиб, Ҳақ таоло наздидаги манзилатларидан тушиб қолдилар. Оллоҳ таолонинг бу икки мўмин бандаси шайтонга алданиб қолдилар. Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг: “Мўмин олийжаноб ва алдангувчи - соддадилдир, кофир-фожир эса пасткаш ва алдовчи - маккордир”, деган сўзлари илк инсонлар мисолида ўз тасдиқини топди. (АбуДовуд, Термизий ва Аҳмад ривояти).
Улар ўша дарахтдан тотиб кўришлари биланоқ бу итоатсизликларининг жазоси нақд бўлди - устларидаги жаннат гулларидан бўлган либослари ерга тушиб, авратлари очилиб қолди. Улар уялганларидан жаннат дарахтларидан бўлган анжир барглари билан тўсина бошладилар.
Ушбу оятда авратларни очиб юриш Одам ота замонларидан бошлабоқ жирканч иш эканига ва бундай беҳаёлик жаннатдан маҳрум бўлишга сабабчи эканига очиқ далолат ва ақл эгалари учун ибрат бор.
Демак, Одам ва Ҳавво мисолларида шайтоннинг сўзига кириш қандай оқибатларга олиб келганига ибрат назари билан боқсак, маълум бўладики, шайтон мўминнинг энг ашаддий душманидир. Унинг васвасасига учиш, унга итоат қилиш бандани Оллоҳнинг неъматларидан маҳрум қилгани каби, авратлари очилиб қолишига, яъни, эл орасида шармандайи шармисор бўлишига олиб келади. Минг афсус ва надоматлар билан иқрор бўлишга мажбурмизки, айрим жойларда замонамиздаги шайтон малайлари ҳам лаънати иблис йўлидан бориб жамиятни бузишда айни усулдан фойдаланмоқдалар - қиз-жувонларнинг либосларини ечмоқдалар, авратларини очмоқдалар. Оқибат - натижада эса покиза инсон, покиза оила, покиза жамият деган тушунчалар - инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган қадриятлар унутилиб, гўё “эскилик сарқити”га айланиб бормоқда! Инсоният ота-онасини авратларини очиш билан жаннатдан маҳрум қилган ва уларни осмондан ерга тушириб қўйган иблис энди уларнинг зурриётини ҳам турли туман васвасалар билан, жумладан авратларини очиш билан Ернинг устидан дўзах қаърига киритиб юборишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. “Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар!”. (Фотир сураси, 6-оят). Демак, мусулмон инсон шайтоннинг васвасаларига учмай, унга мағлуб бўлмай, Ёлғиз Оллоҳга ибодат билан, Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат билан маълум муддат - Оллоҳ таоло белгилаб қўйган ажал битгунича Ерда маскан тутиб яшаб, сўнгра асл ватанга, отамиз Одамнинг илк маскани бўлмиш жаннатга қайтиш тадоригини кўриши керак.
122. Сўнгра Парвардигори уни сайлаб - Ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва Тўғри Йўлга ҳидоят қилди.
Ояти каримадаги “Сўнгра” калимасининг тафсирида муфассир ула-молар дейдилар: “Оллоҳ таоло Одам ва Ҳаввонинг тавбаларини қабул қилиши уларнинг мана бу дуоларидан сўнгра бўлган эди: Улар: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр қилдик. Агар Ўзинг бизларни мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм-шафқат кўрсатмасанг шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз», дедилар. (Аъроф сураси, 23-оят).
Яъни, Одам ва Ҳавво Ҳақтаолога ёлвориб: “Парвардигоро, албатта биз Сенинг Амрингга хилоф иш тутиб, Сенинг ҳам душманинг, бизнинг ҳам душманимиз бўлган шайтонга итоат қилиш билан ўз жонимизга жабр қилдик, золимлардан бўлиб қолдик. Энди агар Сенинг Ўзинг бизни гуноҳимиздан ўтиб, тавбаларимизни қабул қилмайдиган бўлсанг, Ўзинг бизга раҳм қилмасанг, у ҳолда биз ўзимизга зиён қилган, бир нафаслик кўнгил хоҳишига берилиб Охиратдаги насибамиздан - мангу бахт-саодатдан маҳрум бўлган кимсаларга айланиб қоламиз”, деб илтижо қилдилар.
Айрим муфассир уламолар: “Жаннатда бўлган ушбу воқеада Одам алайҳис-саломнинг қилган хатоси гуноҳи сағийра - кичик гуноҳ эди. Чунки у ўша манъ қилинган дарахтдан қасддан Оллоҳ таолонинг ҳукмига қарши бориш учун еган эмас, балки малъун иблиснинг иғвосига алданиб ва Ҳақ таолонинг: “Мана бу дарахтга яқинлашманг”, деган Сўзидан фақат муайян бир дарахт назарда тутилган, демак, айни мана шу дарахтга яқинлашмасдан, бошқа шу навдаги дарахтларнинг мевасидан еса бўлаверади, деб ўйлагани учун ишора қилинган ўша дарахтдан эмас, балки бошқа шу навдаги дарахтдан еган эди. Ҳолбуки, Оллоҳ таолонинг Ҳукми уму-мий бўлиб, жаннатнинг қаерида бўлмасин мана шу дарахтнинг навига дуч келсангиз, улардан биронтасига яқинлашмангиз, деган маънода эди.
Муайян бир нарсани кўрсатиб, мана шу навдаги нарсаларнинг барчаси ирода қилиниши мумкин эканига ҳадиси шарифда ҳам мисоллар бордир: Абу Довуд, Насоий ва Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида турган ипак ва тиллага ишора қилиб: “Мана бу иккиси эркак умматимга ҳаром, аёлларга эса ҳалолдир”, деганлар ва мана шу сўзлари билан фақат ўша қўлларида турган ипак ва олтин эмас, балки олтин ва ипакнинг барча нави эркак мусулмонлар учун ҳаром ҳисобланади.
Сўнгра Оллоҳнинг Амри билан жаннатдан ерга тушган Одам ва Ҳаввога Меҳрибон Парвардигорнинг Ўзи истиғфор, тавба қилиш йўлини кўрсатганида Одам бу муборак Сўзларни шукроналик билан қарши олиб дарҳол тавба қилди ва шу Сўзлар билан Яратганга ёлвориб дуо қилди, бас, “Оллоҳ унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни Қабул қилгувчи Меҳрибон Зотдир”. (Бақара сураси, ЗБ-оят). Сўнг бу сўзлар Одам ва унинг авлод-зурриёти учун то Қиёмат тавба ва истиғфор калимаси бўлиб қолди. Бас, бу дуода Одам болаларидан кимки ўз гуноҳини бўйнига олиб, чин ихлос билан ялиниб-ёлвориб тавбаларни қабул қилгувчи, бан-даларига беҳад Меҳрибон Оллоҳга тавба қилса, яъни, ўша гуноҳга қайта қадам босмасликка қасд қилиб - гуноҳдан қайтиб Оллоҳтомонига юзланса, илтижо қилса, албатта Оллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилишига, гуноҳини мағфират қилишига ваъда бор. Зотан тавба сўзининг луғавий маъноси ҳам гуноҳлардан юз ўгириб Оллоҳга, У Зот бандаларига буюрган ибодатга қайтиш деганидир. Демак, тил учида “тавба қилдим” деб, амалда эса нораво, гуноҳ ишларда давом этавериш асло тавба эмасдир.
Одам алайҳис-салом жаннатдан чиқарилиб, Ерга тушиб-тушмасданоқ Оллоҳ таолога тавба қилгани ва Ҳақ таоло унинг тавбасини қабул қилиб, хатосини кечиргани хусусида келган ушбу оятларда банданинг тавба-тазарруъъси Оллоҳ таоло наздида нақадар муҳим эканига ҳамда хато-гуноҳга йўл қўйган инсон ҳеч кечиктирмасдан, бепарво бўлмасдан тавба-тазарруъъ қилишга шошилиши зарур эканига ишора бордир.
123. (Оллоҳ) айтди: «Ундан (яъни, жаннатдан) ҳар иккингиз тушингиз. Айрим (зурриёт)ларингиз айримларига душмандир. Бас, сизларга Мен тарафдан Ҳидоят келганида ким Менинг Ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас.
Ҳақ таоло Одам ва Ҳаввога йўл қўйган хатолари сабабли шундай амр қилди. Жаннатдан Ерга туширилиши Одам алайҳис-саломга қилган хатоси учун мана шу ҳаёти дунёда берилган Жазо эди. Аммо Охиратдаги жазодан эса Оллоҳ таоло уни озод қилгандирки, бу хусусда юқоридаги оятда хабар берилди. Оят давомида Ҳақ субҳонаху ва таоло Одам ва Ҳаввога келажакдан хабар бериб, у иккисидан, яъни, бир ота-онадан туғилиб Ер юзига тарқаладиган авлод-зурриётлар туғишган оға-инилар эканликларини унутишиб, бир-бирларига душман бўлиб яшашларини ҳам, айтдики, бу ҳукм Ота ва Она учун ўзларининг жаннатдан сургун қилинганларидан ҳам оғирроқ жазо эди. Сўнгра Жаноби Ҳақ Одам ва унинг зурриётларига - Одам ато ва Ҳавво онанинг қилган хатолари сабабли жаннатда эмас, балки Ерда дунёга келиб, Ерда яшашга маҳкум бўлган инсонларга хитоб қилиб, энди уларга Ўз элчилари орқали Ҳидоятни, яъни уларни қайтадан жаннатга олиб боргувчи Тўғри Йўлни - Илоҳий йўл-йўриқларни юбориши ҳақида хабар беради ҳамда ким ўз бошига мангу хавф-хатар ва ғам-ташвиш тушишини истамаса - албатта бирон ақли расо одам буни истамайди - у ҳолда кўнгил кўчасига кирмай, ўзига ўхшаган одамларга сиғинмай, яна шайтонга алданмай, Оллоҳ юборган Ҳидоятга эргашиши фарз эканини уқтиради. Бас, маълум бўладики, бутун борлиқни, коинотдаги барча жонзотни яратган Зот, уларнинг ҳар бирига ҳаёт, умр, ризқ ва беҳисоб неъматлар ато этган Зот, ўша неъматлар қаторида Ўзининг ашрафул-махлуқоти бўлмиш Одам болаларига, Ўзининг мўмин бандаларига мазкур неъматларнинг барчасидан беқиёс устун - афзал бўлган яна бир буюк Неъмат - Ҳидоят неъматини ҳам ато этди. Зотан, Арҳамур-роҳимийн - Меҳрибонларнинг Меҳрибони бўлган Парвардигоримиз берган бошқа неъматлар билан мана шу беш кунлик дунёмиз обод бўлса, Ҳидоят неъмати билан ҳам бу муваққат дунёмиз, ҳам мангу Охиратимиз обод бўлади. Шунинг учун Оллоҳ таолонинг ҳақиқий саодатли бандалари У Зот юборган Ҳидоятга эргашган зотлардир.
Улуғ муфассирлар ояти каримада зикр қилинган “Ҳидоят” калимасини Қуръон деб тафсир қилганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анхумо айтади: “Оллоҳ таоло ушбу ояти каримада кимда-ким Қуръонни ўқиб, ундаги хукмларга амал қилса, у киши дунёда адашмаслигига ва Охиратда бахтсиз бўлмаслигига Кафил бўлди”. У зот яна: “Кимда-ким Қуръонни ўқиб, ундаги амр-фармонларга эргашса, Оллоҳ таоло уни ҳаёти дунёда залолатдан асраб, Тўғри Йўлга ҳидоят қилади, Қиёмат Кунида эса, ёмон ҳисоб-китобдан асрайди”, деди ва ушбу оятни ўқиди. (“Тафсири Мунийр”дан).
124. Ким Менинг Эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг - бахтсиз ҳаёт бўлур ва Қиёмат Кунида Биз уни кўр ҳолида тирилтирурмиз».
Яъни, кимда-ким Оллоҳтаолонинг Зикри - Эслатмаси бўлмиш Қуръони Каримдан юз ўгирадиган бўлса, унинг Каломуллоҳ эканлигига иймон келтирмаса ва у Буюк Китобдаги Илоҳий кўрсатмаларга амал қилмаса, у бир умр бахтсиз ҳаёт кечириши аниқдир. Унинг ҳаёти дунёдаги бахтсизлиги шунда кўринадики, Оллоҳ таоло ундан қўлида бор нарсага қаноат қилиш, ҳар бир ишда Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилиб суяниш каби фазилатларни олиб қўяди. Шундан кейин унинг бутун ғам-ташвиши дунё матолари бўлиб қолади ва у ўлиб-тирилиб мол-дунё тўплашга муккасидан кетиб, унинг озгина камайиб қолишидан доимо хавотирда яшагани учун хдётида бирон лаҳза ором бўлмайди ва бутун умри қоп-қоронғи зулматда ўтади. Мўминнинг ҳаёти эса, тамоман бунинг аксидир. Бу ҳакда Ҳақ таоло бошқа бир ояти каримада шундай хабар бергандир: “Эркакми ё аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган энг чиройли амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз”. (Наҳл сураси, 97-оят). Ояти карима матнидан аниқ маълум бўладики, эркакми, аёлми - кимда-ким мў-мин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса (Шариати Исломийя буюрган ҳар бир амал солиҳ амалдир), Оллоҳтаоло унга бу дунёда покиза ҳаёт, Охиратда эса, энг яхши амалларга бериладиган ажр-мукофотлар ато этади. Яъни, у инсон дунёда бахтли ҳаёт кечиради - бой бўлса, шукрона ва бировларга яхшиликлар қилиш билан, камбағал бўлса, сабр-қаноат ва Оллоҳнинг тақсимотига розилик билан, худди рўзадор одам ифтордаги неъматни ва рўза тутиш билан эришадиган ажр-савобни ўйлаб кундузини ором ва шодлик билан ўтказгани каби камбағаллигига сабр қилгани учун Эртага эришадигани Ажри Азимдан умидвор бўлиб яшайди. Динсиз-иймонсиз кимса эса, агар камбағал бўлса, ўзини ўта бахтсиз ҳисоблаб бутунлай умидсизликка тушади, агар бой бўлса, янада очкўзлиги ортиб, топганини йўқотиб қўйишдан кўрқиб, ором нималигини билмай қолади, демакки бахтсиз кун кечиради.
“ва Қиёмат Кунида Биз уни кўр ҳолида тирилтирурмиз”.
Чунки у ҳаёти дунёда экан, Оллоҳ таолонинг оятларини “кўрмасдан” кўр бўлиб олди, демак, ўша кўрлигича тирилади. Бу - барча йўлдан озган, Оллоҳ таолонинг Ҳидоятидан юз ўгирган кимсаларнинг қисматидир.
“Қиёмат Кунида Биз уларни кўр, соқов ва кар бўлган ҳолларида юзлари билан (юргазиб маҳшаргоҳга) тўплаймиз”, (Ал-Исро сураси, 97-оятдан). (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
125-126. У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен (ҳаёти дунёда) кўрар эдим-ку», деган эди, (Оллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни («кўрмадинг») - унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан».
Ушбу оятлар кўнгил кўзи кўр бўлмаган, ўқиган-билган нарсасидан ибрат оладиган ҳар бир мўмин учун ўта ибратли эслатмадир, ўта кескин огоҳлантиришдир. Демак, кўз инсонга кўрган нарсасидан ибрат олиши учун берилган экан. Қайси бир кўз атрофига боқиб борлиқни кўрса-ю, аммо кўрган нарсаларининг ҳар бири Буюк Яратгувчининг Қудратига далолат қилиб турадиган очиқ оят-аломат эканини англамаса, демак, у кўз сўқир экан. Қай бир кимса Яратганнинг коинотдаги буюк оятларини кўриб-билиб туриб, Унинг Китобидаги улуғ оятларни ўқиб-эшитиб туриб, у очиқ оят-аломатларни ва буюк Эслатмани гўё ҳеч қачон кўрмаган-эшитмагандек “унутиб” юбораверса, улардан кўз юмиб тескари қараб кетаверса, демак, ҳақиқий кўрдир. Бас, унинг Охират Кунида худди ана ўша аслий ҳолатида, яъни, кўзлари сўқир ҳолида тирилтирилиши айни Адолатдир ва унинг тинмасдан ловуллаб турадиган жаҳаннам қаърига ташланганича “бутунлай унутилиши” энг одил Жазодир. Чунки жазо жиноятга яраша бўлганида адолатли жазо бўлади.
127. Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни Биз мана шундай жазолармиз. Охират азоби шак-шубҳасиз, янада қаттиқроқ ва давомлироқдир.
Яъни, кимда-ким ҳаёти дунёдалик пайтида Оллоҳтаолонинг оятларига иймон келтирмасдан улардан юз ўгириш ва ўз ҳавойи нафсига қул бўлиш билан бандалик ҳаддидан ошадиган бўлса, Ҳақ таоло ундай кимсаларни бу дунёда танг - бахтсиз ҳаётга дучор қилиш билан жазолайди. Бас, улар ҳаёти дунёда бирон кун руҳий ором ва ҳаловат топмайдилар, балки худди қутурган итлар суяк талашгандай ўзларига ўхшаган иймонсиз кимсалар билан мол-дунё талашиб ёки шаҳвоният балчиғига белларигача ботиб, синов учун берилган умрларини зое қиладилар. Аммо Охиратда эса, улар гирифтор қилинадиган азоб, шак-шубҳасиз, янада қаттиқроқ ва янада давомлироқ, яъни, абадий азоб бўлиши аниқдир. Бинобарин, ким ҳар икки дунёда Оллоҳтаолонинг азобидан нажоттопишни истаса,Унинг ажр-мукофотларига эришишни орзу қилса, у инсон ҳаёти дунёда Оллоҳ таолонинг барча оятларига иймон билан ва гарчи нафси хоҳламаса-да, сабр-тоқатла Ҳақ таолога тоат-ибодат билан яшаши лозим. Чунки саҳиҳ ҳадисда хабар берилганидек, жаннат нафс ёмон кўрадиган нарсалар билан ўраб қўйилган, дўзах эса, шаҳватлар - нафс яхши кўрадиган нарсалар билан ўраб қўйилгандир.
128. Ахир уларга (яъни, Макка мушрикларига) Биз улардан илгари ҳам уларнинг масканларида (яшаб), юрган қанча авлодларни (куфрлари сабабли) ҳалок қилганимиз яхши маълум эмасми?! Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло яна Макка аҳли ҳақида сўзлайди. Юқоридаги оятларда уларнинг Оллоҳ таоло нозил қилган оятлардан ва Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган мўъжизалардан юз ўгиришганини, Ҳақ Қуръонни ёлғон дейишганини, уни масхара қилиб кулишганини айтгач, энди уларни аввал ўтган қавмларнинг куфр сабабли топган оқибатларидан ибрат олишга, ўшаларнинг кунлари бошларига тушиб қолмасидан кўзлари очилиб, иймон келтиришга чақиради. Макка-ликлардан куч-қувват жиҳатидан ҳам, мол-давлат жиҳатидан ҳам устун бўлган, буларга нисбатан яхши, серунум, соя-салқин ва чиройли-обод жойларни маскан қилган, саноқлари ҳам неча баробар кўп бўлган Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми, Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлган Од қабиласи, Солиҳ алайҳис-саломнинг қавми бўлган Самуд қабиласи, Лут алайҳис-саломнинг қавми каби кўп асрлар давомида ўтган қавм-қабилалар қилган гуноҳлари сабабли, яъни, ўзларига келган пайғамбарларни ёлғончи қилганлари учун, улар даъват қилган иймон йўлига кирмаганлари, итоатсизлик қилганлари ва маишатга муккадан кетганлари учун, бир сўз билан айтганда, кофир бўлганлари учун Оллоҳ таоло юборган турли-туман азоб ва балолар остида қолиб ҳалок бўлишганини, кейин уларнинг ўрнига бошқа қавмларни яратганини эслатади.
Ояти каримадаги бу панд-насиҳат ва огоҳлантиришлар гарчи Макка мушрикларига қаратилган бўлса-да, ҳамма замон ва маконлардаги Ҳақ Йўлга юрмаган, Ҳақ таолога ибодат-итоат қилмаган динсиз кимсаларга ҳам баробар тегишлидир. Демак, динсиз яшаш, гуноҳлар гирдобида ҳаёт кечириш Оллоҳ таолонинг интиқомига ва неъматлардан, балки ҳаётдан ҳам маҳрум қилинишга - ҳалокатга сабаб бўлар экан, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам етказган оятларни эшитиб, ўқиб туриб, иймон келтирмаслик ва у зотга эргашмаслик бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам Яратганнинг азобига дучор қилар экан. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: «Биз қанча маишати ҳаддан ошган қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилдик. Мана, ўшаларнинг масканлари улардан кейин камдан-кам маскан қилинди. (Уларнинг барчалари ҳалок бўлдилар) ва (уларни мулку-диёрларига) Биз Ўзимиз ворис бўлиб қолдик. Парвардигорингиз то барча қишлоқ-шаҳарларнинг онаси - маркази (Маккайи мукаррама) да Бизнинг оятларимизни уларга тиловат қиладиган бир Пайгамбарни юбормагунича у (қишлоқ-шаҳарларии) ҳалок қилгувчи бўлмади. Биз қишлоқ-шаҳарларни фақат уларнинг аҳолиси золим - кофир бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлдик.» (Касас сураси, 58-59-оятлар).
129. Агар Парвардигорингиз томонидан (ушбу уммат қилган барча яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазолари Қиёматда бўлиши хусусида) Сўз ва белгиланган муддат бўлмаганида эди, албатта (улар ҳам худди аввалги асрларда ҳалок қилинган кофир кимсалар каби дарҳол азобга гирифтор қилинишлари) лозим бўлур эди.
Яъни, Макка мушриклари Оллоҳ таолонинг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирмаганлари, балки аксинча, у зотга иймон келтирган кишиларга тинмасдан озор-азийятлар етказганлари сабабли албатта уларга ҳам худди аввалги асрларда ўтган динсиз қавмларга тушган бало-қазо ва озоб-уқубатлар тушиб ҳалок бўлиб кетишлари лозим эди.
Лекин Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига аён бўлган ҳикмат сабабидан У Зот Муҳаммад алайҳис-салом Элчи қилиб юборилган қавмнинг жазо-мукофотини Ўзи белгилаб қўйган Қиёмат Кунига қолдирдики, бу ҳолдан динсиз-иймонсиз кимсалар “нима қилсак ҳам жазо олмас эканмиз” деб алданиб қолмасинлар!
130. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У Зотни) покланг - намоз ўқинг! Тунги соатларда ҳамда кундузнинг (аввалги ва охирги) тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг - намоз ўқинг, шояд шунда (Парварди-горингиз Охират диёрида берадиган ажр-мукофотлардан) рози бўлурсиз.
Юқоридаги оятда кофир ва осий кимсаларнинг жазо ва азобга гирифтор қилинишлари Оллоҳ таоло белгилаб қўйган Қиёмат Кунига қолдирилгани ҳақида хабар берилгач, ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчисига хитоб қилиб гўё шундай дейди: “Бас, иш шундоқ бўлгач, Сиз, эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингизнинг қилаётган қилиқларига - Сизга иймон келтирмаётганларига, балки аксинча, уларнинг айримлари Сизни масхара қилиб: “Ҳа, бу бир шоирда”, деса, айримлари: “Йўқ, у жодугар”, деб, яна бошқалари: “ У коҳин-фолбин”, деб ҳақоратлар қилишларига сабр қилинг, сиқилманг ва у жоҳил кимсалар билан мунозара қилиб талашибтортишишга қимматли вақтингизни ҳам кетказманг, балки Сиз ва Сизни ҳақ Пайғамбар деб иймон келтирган умматларингиз кеча-ю кундуз Парвардигорингизнинг ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зот эканини зикр қилиш ва Унга ҳамду санолар айтиш билан намоз ўқинг, кунларингизни Оллоҳ таолога тасбеҳ айтиш билан ўтказингки, шояд шунда Парвардигорингиз Охират диёрида берадиган ажр-мукофотлардан рози бўлурсиз”.
Аксари муфассир уламолар ояти каримада ҳар куни ўқилиши фарз бўлган беш вақт намозга ишора қилинганини айтадилар: Демак, “қуёш чиқишидан илгари” бомдод намози, “унинг ботишидан аввал” аср намози, “тунги соатларда” хуфтон намози адо қилингани каби “кундузнинг тарафларида” пешин ва шом насозлари адо этилиши фарздир. Чунки пешин намозининг вақти кундузнинг икки тарафидан биринчисининг охири ва иккинчисининг бошланиш вақтида киради, шом эса, кундузнинг учинчи тарафида - қуёш ботиши билан ўқилади.
Шундай қилиб, Ҳақ таоло мўмин бандаларини Ўзига саждалар қилиш-га, дилларидаги тилакларини сўраб дуолар қилишга чорлар экан, бу амалларни адо этиш учун Меҳрибон Парвардигоримиз - агар шундай таъбир қилиш жоиз бўлса - Ўзининг Қабул соатларини ҳам белгилаб қўйди ва ким ўша соатларда Унга Муножотлар қилиб, Унинг Элчиси таълим бериб ўргатган ва амал қилиб кўрсатган тарзда намоз ибодатини адо қилса, бу яхши амали шарофатидан унинг гуноҳларини кечириб, дуо-илтижоларини ижобат қилишга ваъда беради. Демак, Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳаматига эришиш учун биз бандалар намозларни У Зот буюрган ва Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам амалда кўрсатган вақтларда адо қилишимиз, белгиланган тартибга риоя қилишимиз ва намоз вақтларини ўтказиб юбормай муҳофаза қилишимиз керак.
Дарҳақиқат, мўминнинг зиммасидаги энг асосий иш беш вақт намозни ўз вақтида тўкис адо қилишдир. “Саҳиҳайн”да ривоят қилинган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Амалларнинг афзали қайси амал”, деб сўраганимда, “Ўз вақтида адо қилинган намоз”, дедилар. Шунингдек, У Зот: “Худди менинг намоз ўқиётганимни кўрганингиздек, намоз ўқинглар”, деб буюрганлар. (“Саҳиҳи Бухорийдан ривоят қилинган).
131. Ва Сиз кўзларингизни Биз у (кофир)лардан айрим тоифаларни фитнага солиш учун баҳраманд қилган - ҳаёти дунё зийнатларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва давомлироқдир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва у зот орқали барча мўминларни мол-дунёга муҳаббат қўйишдан, аҳли дунё бўлишни орзу қилишдан, агар динсиз кофирлардан айримларини мол-давлат эгаси бўлганларини кўрсалар уларга ҳавас кўзи билан боқишдан қайтаради ва Парвардигор мўминларга ризқ қилиб берган сабр-қаноат, дунёга қул бўлмаслик ҳамда Охират диёрида берилажак ажр-мукофот неъмати энг хайрли ва мангу неъмат эканини таъкидлайди.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида айтилишича эса, оятда гарчи Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, умматлари ирода қилинади, чунки у зот дунё хусусида одамларнинг энг зоҳиди эдилар. Дунё ва аҳли дунёга мусулмон инсон қандай муносабатда бўлиши лозимлиги ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантириб айтган кўплаб ҳадислар ҳам бунга равшан далилдир.
Имом Бухорий ўз “Тарихи”ида Жаҳм ибн Авсдан ривоят қилади: “Жаҳм айтди: “Мен Абдуллоҳ ибн Абу Марямдан эшитдим - унинг олдидан (аҳли давлат кишилардан бўлган) Абдуллоҳ ибн Рустам ўзининг отлиқ жамоаси билан ўтиб кетаётиб: “Мен сен билан ҳамсуҳбат бўлишни ва сендан ҳадислар эшитишни жуда истайман-да”, деган эди, у ўтиб кетгач, Абдуллоҳ ибн Абу Марям деди: “Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай деяётганини эшитганман: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен ҳаргиз фожир - ибодатсиз кимсага берилган неъматга ҳавас қилмагин. Чунки сен у кимсанинг ўлганидан кейин нимага дучор бўлишини билмайсан. Унинг учун Оллоҳ хузурида ҳеч ўлмайдиган қотил бордир”, дедилар. Абдуллоҳ айтган бу ҳадис Ваҳб ибн Мунаббиҳга етиб бор-ганида унинг олдига Абу Довудни юбориб: “Эй Фалончи, сен ривоят қилган ҳадисдаги “Ўлмайдиган қотил” ибораси недир?” деб сўраган эди, Абдуллоҳ ибн Абу Марям: “Дўзах”, деб жавоб қилди.
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар (дунё бобида) ўзларингдан қуйида бўлган кишига боқинглар, сизлардан юқори бўлган кишига боқманглар! Мана шу Оллоҳ сизларга ато этган неъматни камситмасликларингизга муносиб бўлган ишдир”. (Муслим ва Бағавий ривоятлари).
Ўрганаётганимиз ояти карима мазмунини мана бу оят янада яхшироқ тафсир қилади: “Бас, Сизни уларнинг молу дунёлари ва авлодлари қизиқтирмасин! (Чунки) Оллоҳ ўша нарсалар сабабли ҳаёти дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва жонлари (баданларидан) кофир бўлган ҳолларида чиқишини истайди, холос”. (Тавба сураси, 55-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллол-лоҳу алайҳи ва салламнинг диққат-эътиборларини ва у зоти бобаракот орқали барча мўминларнинг диққат-эътиборларини ўта муҳим бир нуктага жалб этадики, агар англасак, ҳаётларининг мазмунини мол-дунё орттириш-у бола-чақа кўпайтириш деб билган ва бу борада эл кўзида бой-бадавлат, бахтли кишилар деган номларга эришган кимсаларнинг ахдоли асло ҳавас қиладиган эмас, балки аксинча, ачинадиган, ҳазар қиладиган аҳвол эканини дафъатан тушуниб етамиз. Оллоҳтаоло мунофиқ ва кофирларга мол-дунё ва авлодларни мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида улар учун нақд азоб-уқубат бўлсин деб ва ўша мол-дунёларига сиғиниб дунёдан кофир ҳолларида ўтиб кетсинлар деб берганини айтиб, мўминларни асло уларга ҳавас қилмасликка чақиради. Дарҳақиқат, агар ибрат назари билан боқсак, туну кун, бир умр мол-дунё ортидан кувиб, ўша бевафо дунёни деб бебаҳо ҳаётни ўтказиб юбориш нақд азобнингўзи эмасми?! Динсиз кимса учун ўзи не азоб билан топган дунёсини сарфлаш, яъни, ўзи сиғиниб сажда қиладиган дунёсидан ажралиш нақд азобнингўзи эмасми?!
Кундалик ҳаётига етарли ризқ-рўз бергани учун Яратганга шукроналар айтиб бахтли ҳаёт кечирадиган мўмин-мусулмон олдида топган мол-дунёси етти авлодига ҳам етадиган, аммо кўз тўймаслик дардига дучор бўлгани учун бир нафас хотиржам яшай олмасдан яна ҳеч қачон ўзига насиб этмаслиги аниқ бўлган дунё ортидан қувиб юрган ва ўша истаган дунёсига етиш йўлида ҳеч қандай итликдан қайтмайдиган мунофиқ кимсани бахтли деб, унга ҳавас қилиб бўладими? Албатта йўқ! Оллоҳ таолога иймон келтирмасдан, У Зотга ибодат қилмасдан, Унинг Элчисига итоат қилмасдан дунёдан дунёни қувиб ўтиш азобдир, ҳалол-ҳаромига қарамай йиққан дунёнинг қоровули бўлиб яшаш азобдир, вақти-соати келганда у дунёдан ажралиш азобдир, Охиратда у дунёнинг ҳар тийини учун ҳисоб-китоб қилиниб, ҳаромдан топган мол-дунё учун дўзахда ёниш мангу азобдир! Бас, ҳаёт-мамотини ўз ихтиёри билан мана шу азобга қурбон қилган кимсани ақли хуши жойида деб бўладими, унга ҳавас қилган кимсани-чи?! Мана шу икки кимсадан бири бўлиб қолишдан мўминларга Оллоҳ таоло паноҳ берсин!
Агар ояти карима мазмунини тўғри англасак, албатта мана шундай хулосага келамиз.
132. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз аҳлингизни ҳам намозга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) сабр-матонатли бўлинг! Биз Сиздан ризқ сўрамасмиз, (билъакс), Ўзимиз Сизга ризқ берурмиз. Оқибат-жаннат эса, (аҳли) тақвоникидир.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, худди Биз Сизни намоз ибодатига буюрганимиз каби Сиз ҳам аҳли байтингизни ва умматингизни намозга буюринг ҳамда ўзингиз сабр-тоқат билан намозда бардавом бўлинг, чунки бирон амалга куруқ сўз билан даъват қилгандан ўша амални қилишда ўзингиз намуна бўлишингизнинг таъсири кучлироқ бўлади. Қачонки сизлар намозда бардавом бўлсангизлар, бошларингизга бирон мусибат тушганида ҳам намоз ўқиш билан Оллоҳ таолодан ёрдам сўрасангизлар, албатта, У Зот намозхон - ибодатли бандаларининг дуо-илтижоларини мустажоб қилур, фақир-муҳтожларингиз бой-бадавлат кимсаларнинг бойликларига кўз тикмасдан тақводорлик-парҳезкорлик билан намозларида бардавом бўлсалар, албатта, Парвардигор уларни муҳтожликдан чиқарур “Ким Оллоҳдан қўрқса, У Зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни пайдо қилур ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Оллоҳга таваккул қилса, бас, Оллоҳнинг Ўзи унинг учун Етарлидир”. (Талок, сураси, 2-5-оят).
“Биз сиздан ризқ сўрамасмиз, (билъакс) Ўзимиз Сизга ризқ берурмиз. Оқибат - жаннат эса, (аҳли) тақвоникидир”.
Яъни, эй, Муҳаммад алайҳис-салом, Биз Сиздан ҳам, аҳли-умматингиздан ҳам ўзларингизнинг ёки бошқа бировларнинг ризқларини топиб беришингизни талаб қилмаймиз, балки аксинча, барчаларингизнинг ризку-рўзингизни Биз Ўзимиз берурмиз ва сизлардан намозларингизни ибодатларингизни қандай адо қилганларингизни сўраймиз ҳамда қилган амалларингизга яраша жазо-мукофот берамиз. Бас, сизлар ҳаётларингизни мол-дунё топиш ғами билан беҳуда совуриб юбормасдан, Охират ғамини енглар - намозда бардавом бўлинглар. Чунки ким Оллоҳ таоло буюрган амални астойдил ва доимий равишда адо қилгувчи бўлса, Оллоҳ таоло у бандасининг бошқа барча амалларини осон қилади ва мана шу тақвоси сабабли унга хайрли оқибат - жаннат ато қилинади.
Ўрганаётганимиз ушбу ояти карима мазмуни бошқа бир сурада шундай таъкидланади: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимта ибодат қилиш-лари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман вх улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман. Зеро, Оллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) Ризқу рўз бергувчи, Куч-Кувват ва Кудрат Соҳибидир”. (Ваз-зариёт сураси, 56-58-оятлар).
“Тафсири Мунийр»да ушбу ояти карима тафсирида бир неча ҳадиси шариф ривоят қилинибди:
Абдуллоҳ Ибн Салом розияллоҳу анхудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам қачон аҳли байтларига бирон танглик-қийинчилик тушса, уларни дарҳол нафл намоз ўқишга буюрар ва ушбу оятни тиловат қилар эдилар.
Термизий ва Ибн Можжа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло айтур: “Эй Одам боласи, сен Менинг ибодатим учун фориғ бўлгин (яъни, дунё ғамини тарк этиб тоат-ибодатга машғул бўлгин), Мен сенинг қалбингни бойлик билан тўлдирай ва ҳожатингни раво қилай. Агар сен бундай килмасанг, у ҳолда Мен қалбингни турли ғам-ташвишлар билан тўлдириб қўюрман ва ҳожатингни раво қилмасман!”
Ибн Можжа ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтди: “Мен Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитганман: “Ким барча ғам-ташвишларни тарк этиб, бир Охират ғамини ейдиган бўлса, Оллоҳтаоло унинг дунёдаги барча ғамларига Ўзи кифоя қилур, ким дунёнинг турли ғам-ташвишлари билан ҳалак бўлиб Охират ғамини унутса, у ҳолда Оллоҳ унинг қайси бир чуқурда ҳалок бўлиб кетишига парво ҳам қилмас”.
Зайд ибн Собит розияллоху анҳудан ривоят қилинди: У айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитганман: “Кимнинг Ғами фақат дунё бўлса, Оллоҳтаоло унинг ишини кўпайтириб бўлиб-бўлиб ташлайди ва фақирлик-муҳтожликни унинг икки кўзи ўртасига қўйиб қўяди (яъни, қаёққа қараса фақирликни кўрадиган бўлиб қолиб, тинмасдан дунё топиш йўлларида сарсон-саргардон бўлиб юраверади), аммо унга дунёдан ўзи учун ёзилган нарсадан бошқа нарса келмайди. Кимнинг нияти Охират бўлса, Оллоҳтаоло уни хотиржам қилиб қўяди ва қалбига бойлик-беҳожатликни солиб қўяди ҳамда дунё унинг қўлига бурни ерга ишқалган ҳолида келади”.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган Ҳақ таолонингЎз Элчисига буюр-ган Амри барча уммати Муҳаммадга буюрилган Илоҳий Амрдир. Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзи намозда бардавом бўлиши билан бирга оила ва фарзандларини ҳам бу улуғ амални адо этишга буюриши вожибдир. Бу ишда бизга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари энг гўзал ибратдирлар: Молик ва Байҳақий Аслам розияллоҳу анхудан ривоят қилишларича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анху ҳар кеча намоздан Оллоҳ таоло хоҳлаганича ўқиб, тун охирлаб қолганида албатта аҳли-оиласини ҳам уйғотар ва “намоз ўқинглар, намоз ўқинглар”, деб, ушбу оятни ўқир эди.
133. (Мушриклар: «Муҳаммад) Парвардигори томонидан бизларга бирон оят-мўъжиза келтирса эди», дедилар. Ахир уларга илгариги Саҳифалардаги (яъни, аввалги Илоҳий Китоблардаги) нарсаларнинг Баёни (яъни, Қуръон) келмадими?!
Яъни, мушриклар Оллоҳ таолонинг Бор ва Бир эканига, ҳар бир иши Ҳикмат эканига, ҳар ишга Қодир эканига, осмонлар ва Ер ҳамда дунё ва Охират Эгаси эканига, барча махлуқотига беҳад Меҳрибон ва Раҳмли эканига - Ҳақ таолонинг барча Буюк Сифатларига ҳамда Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканлик-ларига аниқ далолат қиладиган Қуръон оятларини эшитиб туриб бу Илоҳий Мўъжизанинг биргина сурасига ўхшаган сура ёзиш ҳеч кимнинг қўлидан келмаслигини билиб туриб яна қайсарлик ва кибр-ҳаво билан: “(Муҳаммадга) Парвардигоридан бирон оят-мўъжиза туши-рилса эди”, дедилар.
Яъни, улар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳам Мусо алайҳис-саломга берилган асо ёки Ийсо алайҳис-салом қавмига туширилган дастурхон каби ғайри оддий нарсалар туширилишини талаб қилдилар.
Дарвоқеъ, Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам замондошларига Қуръони Каримдан бошқа Илоҳий мўъжизаларни ҳам келтирганларига тарих гувоҳдир. Мушриклар осмондаги ойни бўлиб беришни талаб қилишганида у зотнинг бир дуолари билан ўн тўрт кунлик тўлин ой ўртасидан иккига бўлингани, кўп касал кишилар у зот дуо қилишлари билан ўша онда шифо топганлари, кейинроқ, Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг Бадр ва Табук ғазотларида озиқ-овқат тақчиллиги сабабли аскарлар қий-налиб қолишганида у зоти бобаракот дастурхонда турган озгина таомга қўлларини теккизишлари билан унга барака кириб, барча саҳобалар тўйиб овқатланганларидан ташқари эртанги кунлари учун ғамлаб ҳам олганлари ва яна бошқа тарихий мўъжизалари у зотнинг оддий инсон эмас, балки Оллоҳ таолонинг ҳақ Пайғамбари эканликларига далолат қиладиган оят - аломатлардандир. Қолаверса, мушриклар шунча мўъжизаларни ўз кўзлари билан кўриб турган ҳолда яна гўё ҳеч нарса кўрмагандек: “Муҳаммадга Парвардигори томонидан бирон оят-мъжиза тушса эди”, дейишлари уларнинг ғаразлари Ҳақ Йўлга юриш эмас, балки нима қилиб бўлса ҳам Муҳаммад алайҳис-салом Оллоҳнинг Элчиси эканликларини инкор қилиш бўлганини кўрсатади.
134. Агар Биз уларни (Муҳаммад алайҳис-салом келишидан ва Қуръон нозил бўлишидан) илгари бирон азоб билан ҳалок қилганимизда, улар албатта: «Парвардигоро, бизларга (ҳузурингдан) бирон элчи юборганингда эди, бизлар хор-зор ва шарманда бўлишимиздан илгари Сенинг оятларингга эргашар - итоат этар эдик», деган бўлур эдилар.
Яъни, агар Биз Макка мушрикларини ҳали Муҳаммад алайҳис-салом дунёга келишларидан ёки у зотга Қуръон оятлари нозил қилинишидан илгари ҳалок қилганимизда эди, Қиёмат Кунида улар албатта ўзларини оқлаш учун баҳоналар топган ва: “Парвардигоро, қани энди сен бизга ҳаёти дунёдалик пайтимизда Ўз хузурингдан бўлган бирон Китоб билан элчи юборганингда эди, бизлар дунёда хор-зор бўлмасдан, Охиратда дўзахга ҳукм қилиниб шармандайи шармисор бўлмасдан Сен нозил қилган оятларга иймон келтириб эргашган бўлар эдик”, деган бўлар эдилар. Лекин Биз у мушрикларни уларга Қуръон оятлари етишидан илгари ҳалок қилмадик ва улар ўзларини оқлашлари учун энди ҳеч қандай баҳона қолмади. Энди улар: “Ҳа, дарҳақиқат, бизларга огоҳлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: «Оллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар», деганмиз». Улар (кофирлар) яна: «Агар бизлар (огоҳлантиргувчи пайғамбарнинг сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах эгалари қаторида бўлмас эдик», дерлар. Мана улар ўз гуноҳларини эътироф этдилар! Энди у дўзах эгаларига ҳалокат бўлгай!” (Мулк. сураси, 9-11-оятлар).
135. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Барча(миз) кутгувчидир(миз). (Яъни, сизлар ҳам, бизлар ҳам охир-оқибатда ким ҳақ, ким ноҳақ бўлиб чиқишини кутмоқдамиз). Бас, кутаверинглар! Яқинда Тўғри Йўл эгалари кимлар ва Ҳидоят топган киши ким эканини билиб олурсизлар».
“Тафсири Бағавий”да ривоят қилинишича, мушриклар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам даъват қилган Тўғри Йўлга эргашишдан бош тортишиб, ўзларича: “То Муҳаммаднинг бошига бирон бало тушиб ўлмагунича ундан қутулмаймиз, энди фақат унинг ўлимини кутамиз”, дер эдилар. Бас, Ҳақ таоло - барча нарсани Билгувчи бўлган Зот, Ҳақ Динни қабул қилишни истамайдиган кимсаларни таҳдид билан огоҳлантириб Ўз Элчисига буюрди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз у мушрик-кофир кимсаларга айтинг: “Барчамиз кутмоқдамиз. Сизлар бизни йўлдан озганлар деб, ҳалок бўлишимизни кутмоқдасизлар, биз эса, сизларни Тўғри Йўлга юришингизни кутмоқдамиз. Хўп, сизлар кутишда давом этаверинглар! Озгина фурсатдан сўнг, яъни, Оллоҳтаолонинг Амри билан Қиёмат қойим бўлгач, сизлар билан биздан қай биримиз Тўғри Йўл эгалари бўлганимизни, яъни, ким Ҳақ Йўлга ҳидоят топганлигини албатта билиб олурсизлар! Ҳаёти дунёда очилмаган кўзларингиз ана ўшанда албатта очилур ва Ҳақиқат кимнинг томонида бўлганини жуда яхши билиб олурсизлар!”
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Тоҳа сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.