Ушбу сурайи карима ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, бир юз ўн икки оятдан иборатдир.
Сура Қиёмат Соати яқинлашиб қолгани, одамлар эса у Кундаги ҳисоб-китобга ҳозирланиш, яхши амаллар қилиш ўрнига ғафлат уйкусида эканликлари ҳақида хабар бериш билан бошланади. Сўнг ўқувчи эътибори коинотдаги ҳар бир мавжудотнинг ўта нозик ва аниқ ўлчов билан яратилиб, Якка-ю Ёлғиз Яратган томонидан бошқариб турилишига қаратилади ва Еру осмонда Оллоҳдан ўзга яна бирон илоҳ бўлса, албатта у ўлчов ва тартибга футур етиб, борлиқ бузилиб кетиши аниқ эканлиги таъкидланади.
Бу сурада Иброҳим пайғамбар ва у зот билан бутпарастлар ўртасида бўлиб ўтган можаролар хусусида батафсил ҳикоя қилиниб, ўзини ўзи ҳимоя қилишга ожиз бўлган жонсиз бут-санамлар ўзгага ёрдам қилиши ёки зиён етказиши амримаҳол эканлиги уқтирилади.
Яна бу сурада Оллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Исҳоқ, Яъқуб, Лут, Нуҳ, Довуд, Сулаймон, Айюб, Исмоил, Идрис, Зулкифл, Зуннун - Юнус, Закариё ва Ийсо алайҳимус-саломдан Оллоҳ таолонинг сўнгги Пайғамба-ри Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган элчи ва пайғамбарлар тўғрисида ҳам хабарлар ворид бўлганки, сура «Анбиё - Пайғамбарлар», деб номланишининг боиси шудир.
Сура ниҳоясида Оллоҳ таолонинг сўнгги Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча оламга Оллоҳнинг Раҳмат-Марҳамати бўлиб келганлари зикр қилинади.
Қачонки Анбиё сураси нозил бўлгач, Омир ибн Робийъа розияллоҳу анҳуга “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу сура ҳақида сўрасанг эди, дейилганида у сўраган эди, Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам: “Бугун бир сура нозил бўлдики, у бизга дунёни унуттирди”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1. Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни, Қиёмат Соати) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгиргувчидирлар.
Ушбу ояти карима Қиёмат Куни яқин келиб қолганига яна бир Илоҳий далилдир. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам икки бармоқларини ёнма-ён қилиб: “Мен Қиёмат Соати билан мана шу иккиси каби (яқин бўлган) ҳолда пайғамбар қилиб юборилдим”, дедилар. (Бухорий, Муслим ва Термизий Анас розияллоҳу анхудан ривоят қилишган).
Ривоят қиладиларки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлган бир киши иморат қураётган эди, олдидан бошқа бир саҳобий ўтиб қолди. Уй қураётган киши: “Бугун Қуръондан қандай оят нозил бўлди?” деб сўради. Ўтиб кетаётган киши: “Бугун Пайғамбар алайҳис-саломга “Одамларга ҳисоб-китоблари яқинлашиб қолди-ю, улар эса ғафлатда, юз ўгиргувчидирлар”, ояти нозил бўлди”, деган эди, ҳалиги одам дарҳол қурилишини тўхтатиб, қўлларини қоқди ва: “Оллоҳга қасам, энди биронта қурилиш қилмайман. Ахир ҳисоб-китоб қилинадиган кунимиз яқин келиб қолибдику”, деди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Ояти каримада Ҳақ таоло гўё шундай дейди: Одамларга ҳаёти дунёда қилган амаллари учун ҳисоб-китоб қилинадиган Кун - Қиёмат яқин келиб қолди-ю, аммо уларнинг айримлари, яъни, динсиз кофир ва мушрик кимсалар ғафлат уйқусидан уйғониш, Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб беришга тайёргарлик кўриш ва Ҳақ таолога иймон келтириб, солиҳ амалларни қилишга шошилиш ўрнига, ўткинчи дунё ҳою ҳавасларига ғарқ бўлганлари учун Охиратлари ҳақида ўйлашдан, у Кунга ҳозирлик кўришдан юз ўгирганларича қолмоқдаларки, шу боис қачон -
2-3. Уларга Парвардигорлари томонидан бирон янги эслатма - оят келса, албатта уни ўиин-масхара қилиб, диллари ғофил бўлган ҳолларида тингладилар ва у золим-кофир кимсалар: «Ахир у (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) ҳам худди ўзларингизга ўхшаган бир одам холос-ку! Кўриб турган ҳолингизда сеҳр-жодуга (алданиш учун) келаверасизларми?!», (деб) бир-бирларига шивирладилар.
Ушбу икки оятда сўз гарчи Макка кофирлари ҳақида борса-да, унинг ҳукми барча замон ва маконлардаги динсиз кимсаларга баробар тааллуқлидир. Чунки уларнинг дилларидаги ўйлари ҳам, тилларидаги сўзлари ҳам бир-бирларига қуйиб қўйгандек ўхшашдир. Яъни, барча кофир-золим кимсалар Оллоҳ таолонинг азалий Каломи бўлмиш Қуръон оятларига беписандлик ва шак-шубҳа билан қарайдилар. Қачон уларга Яратганнинг Ўзи томонидан нозил қилинган бирон оят-эслатма етиб келса, динсиз кимсалар диққат-эътибор билан тинглаш ва у Илоҳий Калом мағзини чақишга ҳаракат қилиш ўрнига қалблари ғафлат ботқоғига ботган ҳоллари-да уни масхара қилиб куладилар ва ўзаро висир-висир қилишиб: “Ахир бу Муҳаммаднинг ўзи тўқиб-бичган сеҳр-сафсатаку! Муҳаммад қандай қилиб пайғамбар бўлсин, ахир у ҳам худди сизларга ўхшаган оддий бир одамку! Пайғамбар дегани инсонлардан чиқмаслигини, у фақат фаришталардан бўлишини жуда яхши биласизларку! Наҳотки кўриб-билиб туриб Муҳаммад келтирган сеҳр-жодуга алданиб кетаверсангизлар?!” дейдилар. Албатта мушрик-кофирлар бундай сўзларини ўзларидан бошқа бировлар эшитиб қолмаслиги учун ниҳоятда махфий қилиб айтадилар. Лекин ҳамма нарсадан Огоҳ Зот уларнинг висир-висирларини ҳам эшитди ва Ўз Элчисига ваҳий билан етказди -
4. (Шунда Муҳаммад алайҳис-салом) айтди: «Парвардигорим осмону заминдаги ҳар бир сўзни билур. У Эшитгувчи, Билгувчидир».
Яъни, қачонки Оллоҳ таоло ваҳий юбориб, Ўз Элчисини мушрикларнинг бир-бирларига пинҳона айтган сўзларидан хабардор қилгач, Пайғамбар алайҳис-салом уларнинг сирларини ошкор қилиб: “Сизлар сўзларингизни яширишга уринмай қўя қолинглар, чунки менинг ҳам, сизларнинг ҳам Роббимиз бўлмиш Оллоҳтаоло яшираётган сўзларингизни жуда яхши билур - Унга Ер-у осмондаги бирон нарса, сўз ёки иш махфий эмасдир. Кечмиш ва келажак ҳақидаги барча хабарларни ўз ичига олган Қуръони Азимни нозил қилган Зот ҳам Унинг Ўзидир. У албатта, барча сўзларингизни Эшитгувчи, барча ишларингизни Билгувчидир”, дедилар.
5. «Балки - дедилар улар - (Муҳаммад ваҳий деб даъво қилаётган сўзлар) - алоқ-чалоқ тушлардир, балки (бу сўзларни) у ўзи тўқиб олгандир, балки у бир шоирдир. Бас, у ҳам илгари юборилган пайғамбарлар (келтирганлари) каби бирон оят-мўъжиза келтирсин!»
Яъни, мушрик-кофир кимсалар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни фақат сеҳргар дейиш билан чекланмадилар, балки улардан айримлари: “Муҳаммад айтаётган сўзлар унинг уйқусида кўрган алоқ-чалоқ тушларидан бошқа нарса эмас”, деб сафсата сотса, баъзилари: “Йўқ, у сўзларни Муҳаммад ўзи тўқиб-бичиб олган”, деб туҳмат қилар, яна бошқалари бўлса: “Балки, Муҳаммад шоирдир ва айтаётганларининг бари унинг хаёлига келган ёлғон-яшиқ шеърлардир”, дер, яъни, ҳамма мушрик-кофир кимсалар бир бўлишиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга етказаётган Қуръоннинг Илоҳий Мўъжиза эканлигини тан олмасликларини айтишар ҳамда у зотдан аввал ўтган пайғамбарлар ўз қавмла-рига келтирган мўъжизалар, масалан, Солиҳ пайғамбар харсанг тошни тирик туяга айлантиргани, Мусо алайҳис-салом қўлидаги асосини аждарҳога айлантиргани ёки Ийсо алайҳис-салом бир силаш билан ўликни ти-рилтиргани каби мўъжизалар келтиришни талаб қилишар ва фақат ана ўша талаблари қондирилсагина Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақиқий пайғамбарлигига ишонишларини айтар эдилар. Уларнинг бундай ботил ва мутлақо мантиқсиз даъволарига Ҳақ таоло шундай жавоб қилади -
6. Улардан олдин, Биз ҳалок қилиб юборган бирон қишлоқ-шаҳар (аҳолиси) иймон келтирган эмас, бас, улар иймон келтирар эканларми?!
Ушбу ояти каримада Оллоҳ таоло гўё шундай дейди: “Макка мушрикларидан илгари ўтган қавмлардан қанча-қанча қишлоқ-шаҳарларга элчилар юборганимизда ва у қавмлар пайғамбарлардан ана шундай оят-мўъжизалар кўрсатишни талаб қилганларида, Биз ўша пайғамбарларга улар сўраган мўъжизаларни ато этганмиз (масалан, Солиҳ алайҳис-салом тошни тирик туяга айлантириб бергани каби), лекин ана шундай мўъжизаларни ўз кўзлари билан кўрганларидан кейин ҳам улар иймон келтирган эмаслар ва кофирликлари сабабли ҳалок қилиб юборилганларку! Энди улардан ҳам жоҳилроқ бўлган бу мушриклар ўзлари сўраган мўъжизаларни кўришлари билан иймон келтирар эканларми?!” Албатта йўқ! Чунки ҳеч қандай мўъжиза билан, агар Оллоҳ таоло ҳидоят қилмаса, кофирни мусулмон қилиб қўймайди! Бу ҳақца бошқа бир оятда шундай дейилади: “Агар Биз (Макка мушрикларига улар талаб қилаётган) фаришталарни туширганимизда ва ўликлар (қабрларидан тирилиб келиб) уларга гапирганларида ҳамда барча нарсани (халойиқни) уларнинг олдида очиқаён тўплаганимизда ҳам улар иймон келтирувчи бўлмайдилар, магар Оллоҳ хоҳласагина (иймон келтирурлар). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар” (Анъом сураси, 111-оят).
Ўрганаётганимиз ояти карима мазмунидан шу нарса англашиладики, Ҳақ таоло Ўз Элчисига Макка мушриклари талаб қилган мўъжизаларни туширмагани уларни ҳалок қилиб юбормаслик учун бўлгандир. Чунки агар у мўъжизалар тушурилганидан кейин ҳам мушрик-кофир кимсалар иймон келтирмайдиган бўлсалар, (у қайсар ва ўтакетган жоҳил қавмнинг худди шундай қилиши Оллоҳ таолога жуда яхши маълум эди), албатта уларнинг барчалари ҳалок қилинишлари аниқ эдики, Жаноби Ҳақ уларнинг авлод-зурриётлари орасидан иймон эгалари чиқишини билгани учун ҳам уларни ҳалок қилиб юборишни хоҳламади.
7. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари ҳам (фаришталарни эмас, балки) фақат эр кишиларни (яъни, инсонларни) элчи қилиб, уларга (фаришталар орқали) ваҳий юборганмиз. Бас, (эй Макка аҳли), агар билмайдиган бўлсангизлар (Таврот, Инжилни биладиган) аҳли илмлардан сўранглар!
Ушбу ояти карима мушрикларнинг: “Ахир бу (яъни Муҳаммад алайҳис-салом) ҳам худди ўзларингизга ўхшаган бир одам холос-ку!” (3-оятдан) деган сўзларига Илоҳий раддиядир. Ҳақ таоло, фақат фаришталаргина пайғамбар бўлишлари мумкин, деб Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Элчи-Пайғамбар эканликларини инкор қиладиган мушрикларга жавобан у зотдан илгари юборилган Одам алайҳис-саломдан бошлаб Ийсо алайҳис-саломгача бўлган барча элчи-пайғамбарлар инсонлардан бўлганини, уларнинг орасида биронтаси фаришталардан бўлмаганини таъкидлайди ва Макка мушрикларига сизлар саводсиз бир миллат бўлганингиз сабабли бу ҳақиқатдан бехабар бўлсаларингиз, яҳудий ва насронийлар орасидаги аҳли илмлардан сўранглар, улар сизларга бу ҳақда айтиб беришади, дейди.
Мазкур мавзу Юсуф сурасининг 109-оятида янада батафсилроқ баён қилинган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлларидан бўлган эр кишиларни элчи қилиб, уларга ваҳий юборганмиз. Ахир (Пайғамбар алайҳис-саломга итоатсизлик қилган мушриклар) Ер юзида сайр этишиб, ўзларидан аввалги (иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими? (Оллоҳдан) қўрққан зотлар учун, шак-шубҳасиз, Охират диёри янада яхшироқдир. Ақл юргизмайсизларми?!” (Юсуф сураси, 109-оят).
Ояти карима аввалида Оллоҳ таоло Ер юзига қанча элчи-пайғамбар юборган бўлса, фақат инсон зотидан, шаҳар-қишлоқлар аҳлидан бўлган эркак кишиларнигина элчи қилиб юборгани, яъни, У Зот ҳеч қачон фаришталардан, аёллардан ёки сахро аҳлидан бўлган бирон кимсани элчи-пайғамбар қилиб юбормагани таъкидланади.
Ўрганаётганимиз ояти каримада Макка мушрикларига мазкур масъа-ла ҳақида яҳудий ва насронийларнинг аҳли илмларидан сўрашлари бую-рилганининг боиси, мушриклар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салллам ҳақларида кўпинча яҳудий ва насронийлардан сўрашар ва улар айтган сўзларга ишонишар эди.
Ушбу оятда гарчи сўз Макка мушриклари ҳақида борса-да, унинг ҳукми умумий бўлиб, Жаноби Ҳақ барча бандаларини илм исташга буюради, яъни, илмсиз кишилар жаҳолатларида юравермасдан, билмаган нарсаларини илм аҳлидан сўраб-билишлари лозимлигини уқтиради.
8. Биз у (элчи-пайғамбар)ларни таом емайдиган бир жасад қилган эмасмиз ва улар мангу ўлмайдиган кишилар ҳам эмас эдилар.
Яъни, Оллоҳ таоло пайғамбарлик учун танлаган бошқа кишилар ҳам худди ҳамма инсонлар каби инсоний хусусиятларга эга эдилар - улар ҳам еб-ичардилар, ғамгин ва шод бўлар эдилар, хасталикларга чалинардилар, умрларининг маълум бир қисми уйқу ва бир қисми уйғоқлик билан ўтар эди. Улар ҳам Оллоҳ таоло белгилаб кўйган муддатича яшаб, ажал соатлари етиб келганида дунёдан ўтар эдилар, ҳеч қайсилари бу дунёда мангу яшаш учун яратилган эмас эдилар, бошқача айтганда, пайғамбарлардан биронталари еб-ичмайдиган ва то Қиёмат қадар ўлмай яшайдиган фаришталар қавмидан эмас эдилар. Ушбу ояти карима мушрикларнинг мана бу сўзларига жавобан нозил қилинди: “Яна улар (масхара қилишиб): «Нега бу Пайгамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитгувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): «Сизлар фақат бир сеҳрланган - ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз», дедилар”. (Фурқон сураси, 7-8-оятлар).
Бу ҳақда мана бу оятларда ҳам айтилди: “(Эй Муҳаммад алайҳис-са-лом), Биз Сиздан илгари юборган барча пайгамбарлар ҳам, шак-шубҳасиз, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна - синов қилиб қўйдик (яъни, Сизнинг оддий одамлар каби фақирона кун кечиришингиз бошқалар учун бир синовдир. Чунки агар Биз Сизни бой-бадавлат қилиб кўйганимизда, улар Сизга мол-дунёнгиз учун итоат қилган бўлур эдилар). Сизлар (Бизнинг бу синовимизга) сабр қила олурмисизлар? Парвардигорннгиз Кўриб тургувчи бўлган Зотдир.” (Фурқон сураси, 20-оят). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан аввал ҳам бирон одамга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Бас, агар Сиз ўлсангиз улар абадий қолурларми?! (Йўқ, улар ҳам биронталари мангу қолмасдан, албатта ўлади-лар). Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир.” (Анбиё сураси, 34-35-оятлар).
9. Сўнгра Биз (элчи-пайғамбарларимизга берган) ваъдамизга вафо қилиб, у (пайғамбар)ларга ва (улар билан бирга) Ўзимиз хоҳлаган (иймонли) кишиларга нажот берганмиз, ҳаддан ошувчи кимсаларни -кофирларни эса, ҳалок қилганмиз.
Яъни, Оллоҳ таоло Ўзи инсонлар орасидан пайғамбарлик учун танлаган бандаларига ваҳийлар нозил қилиб, уларнинг зиммаларига элчи-пайғамбарлик рисолат-вазифасини юклаганида барчаларини Ўзининг паноҳида сақлашга, уларни ёлғончи қилган ҳаддан ошгувчи кимсаларни эса, ҳалокат ва балоларга гирифтор қилишга ваъда берганидан сўнг Ўз ваъдасига вафо қилди ва аввал-у охир жамийки элчи-пайғамбарларига ҳамда уларга иймон келтирган қавмларига нажот ва ғалабалар ато этди, куфр келтирган кимсаларнинг бошларига эса турли бало-офатлар ёғдириб, барчаларини ҳалок қилиб юборди.
10. Қасамки, (эй Қурайш жамоаси), Биз сизларга шундай бир Китоб нозил қилдикки, унда сизлар учун зикр (яъни, шаъну шараф) бордир. (Чунки у сизларнинг тилингизда нозил қилинди). Ақл юргизмай-сизларми?!
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳис-саломнинг қавм-қариндошлари бўла туриб у зотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига ва ўз тилларида нозил қилинган Қуръони Каримнинг Ҳақ Каломуллоҳ эканли-гига иймон келтирмаган Қурайш қабиласига хитоб қилиб: “Эй курайшликлар, нега ақлларингизни ишлатмаяпсизлар, ахир Биз сизларнинг қавмингиздан бўлган бир кишига ўзларингизнинг тилларингизда Китоб нозил қилганимиз сизлар шукр ва ифтихор қилишингиз лозим бўлган улуғ шараф эмасми?! Нега сизлар у Китобга ва уни сизларга етказган Расулимизга энг аввалгилардан бўлиб иймон келтириш ўрнига кофир ва жоҳил ҳолларингизла қолмоқдасизлар?!” деган ҳақли ва ўта мантиқли бир саволни ўртага қўяди. Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло нозил қилган ва ҳар бир ояти Зикр-Эслатма бўлган Каломуллоҳунга иймон келтирган ва ундаги кўрсатмаларга амал қилган ҳар бир мўмин-мусулмон учун дунё-ю Охиратда тенгсиз улуғ шараф ва бахт-саодатдир, иймонсиз-динсиз кимсалар учун эса, уларни Қиёмат Кунида шарманда қиладиган Илоҳий Ҳужжатдир.
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қуръон сенинг фойдангга ёки зиёнингга ҳужжатдир”, деган сўзларининг маъноси ҳам шудир. (Муслим риивояти). Қуръонни ўрганиш, ёд олиш, Қуръон Сўзига қулоқ солиш мўминларни қандай улуғ мартабага кўтариши ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам такрор-такрор уқтирганлар: Дедилар: “Албатта одамлар орасида Оллоҳнинг аҳли бўлган кишилар бордир - Қуръон аҳли Оллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”. (Аҳмад ва Насоий ривояти). Яна дедилар: “Мен сизларни катта, туни ҳам кундузидек ёруғ ва рав-шан бўлган Йўлда қолдириб кетмоқдаман ва мен сизларга икки воиз-насиҳат қилгувчини қолдириб кетмоқдаманки, улардан бири сўзловчи, иккинчиси сукут қилгувчи - сўзламасдан насиҳат қилгувчидир. Сўзловчиси Қуръондир, сукут қилгувчиси ўлимдир”. (“Танвийрул-азҳон” тафсиридан).
11. (Эсланглар), Биз қанча-қанча золим-кофир бўлган қишлоқ-шаҳарларнинг (аҳлини) ҳалок қилиб юборганмиз ва уларнинг ортидан (бутунлай) бошқа қавм-авлодни пайдо қилганмиз.
Ушбу ояти карима ҳамма замонлардаги куфр аҳлига, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг Элчиси эканликларини инкор қиладиган барча кимсаларга қаратилган ўта қаттиқ огоҳлантиришдир. Ҳақ таоло куфр йўлини танлаганларни золимлар деб атайди. Чунки зулмнинг маъноси ноҳақлик, яъни, нарсани ўзи ҳақли бўлган ўринга қўймасликдирки, иймон ўрнига куфр келтириш, - Холиқни кўйиб махлуқларга сиғиниш энг катта зулмдир, демак, унинг жазоси ҳам жуда оғир бўлди - Оллоҳ таоло у золимларнинг бошларига турли азоб уқубатлар юбориб ҳалок қилиб юборди.
Дарҳақиқат, асрлар давомида Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб алайҳимус-салом каби кўп пайғамбарларнинг қавмлари уларга иймон келтирмаганлари сабабли ҳалок бўлиб кетганларига кўҳна тарих гувоҳ эди ва бу фожеалар одамлар ўртасида машҳур бўлиб, авлодлардан авлодларга ўтиб айтилиб келар эди, Ернинг ҳар тарафларида Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган қавмлардан қолган харобалар, култепалар борлигидан Макка мушриклари ҳам хабардор эдилар.
Ояти карима Макка мушрикларини ва жамийки динсиз кимсаларни аввалги асрларда ўтган иймонсиз қавмлар устига тушган бало ва офатлар уларнинг ҳам бошларига тушиб қолмасидан илгари ўзларини ўнглаб, Ҳақ Йўлга юришга ва ҳақ Пайғамбарга иймон келтиришга чақиради. Ахир, оқил бир кишики, бошқа бировнинг бошига тушган мусибатдан панд-насиҳат олиб ўзини ўнглаб олади, дейилади-ку.
12. Ана ўшанда, қачонки улар (яъни, ҳалок қилинган кимсалар ҳалокатлари олдида) Бизнинг азобимиз (тушишини) сезиб қолганлари-да, баногоҳ у жойдан чопганларича қоча бошлар эдилар.
Яъни, ўша ҳалокатга маҳкум бўлган золим қавмлар устларига Оллоҳ таолонинг балоси ёғилишига кўзлари етиб, азоб аломатлари кўрина бошлагач ва ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларнинг огоҳлантиришлари ҳақ эканлиги аниқ бўлиб қолгач, қандай қилиб бўлса ҳам ҳалокатдан қутулиб қолиш учун бор бутларини тарк этиб отларини ниқтаганларича қочиб қолишга тушадилар. Чунки улар ҳали ҳам Ҳақ таолонинг адолатли жазосидан қочиб қутулиш мумкин деб ўйлайдилар.
13. (Шунда уларнинг ортидан фаришталар нидо қилиб): «Қочманглар, маишатга ботган жойларингизга, ўз масканларингизга қайтинглар, эҳтимол (қилмишларингииз тўғрисида) сўраларсизлар?!», (деганларида);
14. (Улар бир-бирларига): «Эй ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар (ўз жонимизга) жабр қилгувчи бўлдик», дедилар.
“Тафсири Бағавий”да ривоят қилинишича, ушбу оятлар Ямандаги Ҳасуро деб номланган бир қишлоқ аҳли ҳақида нозил бўлгандир. Улар араблардан эдилар. Оллоҳ таоло уларга Ҳақ Йўлига даъват қиладиган бир пайғамбарини юборганида, уни ёлғончи қилиб ўлдириб юборадилар. Шунда Оллоҳ таоло у қавмнинг устига Бухтансар исмли мажусий подшоҳни ҳукмрон қилиб қўяди ва у золим подшоҳ уларнинг айримларини қатл қилиб, айримларини қул ва чўри қила бошлайди. Бас, қачонки подшоҳнинг зулми давом этавергач, у қавм қандай қилиб бўлса ҳам бу диёрдан чиқиб кетиш учун уй-жой ва мол-давлатларини ташлаб от-уловларига миниб қоча бошлаганларида ортларидан: “Қаёққа қараб чопиб кетаяпсизлар? Орқаларингизга қайтинглар, бир умр топиб-тўплаган мол-мулкларингизга, бино қилган қасрларингизга қайтиб боринглар-чи, эҳтимол, сизлардан мол-дунёларингиздан бир қисмини сўра-шар ва сизлар ўша молларингиздан хоҳлаганларингизча бир бўлагини устингиздаги подшоҳга бериб қутуларсизлар ва яхши кўрадиган сарой ва қасрларингизда маишатларингизни қилаверарсизлар”, деган овозни эшитадилар. Бу - у золим кимсалар устидан кулаётган малоикалар овози эди. Қавм овоз келган тарафга қараб тўхтаб турар эканлар, ортларидан Бухтансар ўз лашкари билан етиб келади ва уларни бир четдан қиличдан ўтказа бошлайди. Шу пайт самодан: “Эй золим қавм, пайғамбарларнинг ўчи қандай бўлар экан”, деган яна бир нидо келади. Ана ўшанда улар бир-бирларига қараб: “Эй ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар ўз жонимизга жабр қилгувчи бўлдик”, дейдилар.
15. Бас, то Биз уларни (ўт-ўлан каби) ўрилган ва (ёниб битган ўтин каби) ўчган ҳолга солгунимизча уларнинг ана ўша дод-войлари тўхтамади.
Яъни, то Биз у золим қавмни мажусий подшоҳ лашкарининг қўли билан қириб битиргунимизча - то улар худди ўрилган ўт-ўлан каби қиличлар тиғидан ер билан яксон бўлгунларича ва то жонлари бандаларини бутунлай тарк этиб, худди ўчган олов янглиғ “ўчиб” қолгунларича ана ўша дуолари - “эй ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар ўз жонимизга жабр қилгувчи бўлдик”, деб ўзларини ўзлари дуойибад қилишлари бир зум ҳам тўхтамади. Лекин бу жуда ҳам кеч қолган эътироф эди, вақт ўтиб кетганидан кейин, ҳеч фойдаси бўлмайдиган пайтда қилинган пушаймон эди.
16. (Эй инсонлар), Биз (устингиздаги) осмонни ҳам, (оёғингиз остидаги) Ерни ҳам, уларнинг орасидаги нарсаларни ҳам ўйнаб - беҳуда яратганимиз йўқ.
Яъни, осмонни ҳам, Ерни ҳам, уларнинг орасидаги бир нарсаларни ҳам ва Ер-у осмонларда содир бўладиган ҳар бир воқеа-ҳодисани ҳам Биз Ўзимиз йўқдан бор қилиб яратганмиз, лекин бу борлиқцаги бирон нарсани шунчаки ўйнаб, яъни, беҳикмат яратганимиз йўқ. Балки ҳар бир нарса ва ҳар бир воқеа-ҳодиса инсонларга ўзининг Яратгувчиси бор эканлигини билдириб туриши учун, Ўша Зотнинг Амрига итоат қилиш вожиб эканлиги ҳақида огоҳлантириши учун, У Яратгувчи Ҳар бир ёмонлик қилгувчини жазолаши ва ҳар бир яхшилик қилгувчини мукофотлаши аниқ эканлигига далолат қилиши учун яратганмиз.
Ушбу, ҳар бир инсон аниқ билиши вожиб бўлган мавзу бошқа суралар-да янада батафсилроқ баён қилинган: “Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах - ҳалокат бўлғай! Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни Ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўяр эканмизми?! Балки Биз тақводор зотларни фисқу фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўярмиз?! (Йўқ, асло ундоқ бўлмас!)” (Сод сураси, 27-28-оятлар).
Юқоридаги икки оятни шундай тушунмоқ лозим: Оллоҳтаоло осмону замин ва улар ўртасидаги бирон нарсани беҳуда яратган эмасдир. Балки У Зот коинотдаги ҳар бир мавжудотни етук Ҳикмат билан яратиб, уларни Ўзининг Ердаги халифаси бўлмиш инсон манфаати учун бўйсундириб қўйди.
Шунингдек, У Зот борлиқдаги ҳар бир нарсага алоҳида сурат ва сийрат ато этиб, то Қиёмат амал қилиб ўтадиган ҳаёт қонунини белгилаб қўйди. Бас, энг кичик заррадан тортиб энг йирик сайёрагача ҳар бир мавжудот Яратган белгилаб қўйган ана ўша қонунга сўзсиз амал қилиши лозим. Акс ҳолда, ҳам Илоҳий қонунни бузувчи ҳалокатга юз тутади, ҳам олам интизомига футур етади. Энди ушбу оламнинг азизу мукаррам бир бўлаги ва Ер юзининг халифаси бўлмиш Инсон учун Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Илоҳий қонун Шариати Исломийядирки, Оллоҳга иймон келтирган ва Шариат кўрсатмаларига амал қилган Инсон ҳам ўзи икки дунё саодатига эришади, ҳам унинг атрофидаги олам ундан бирон озор кўрмайди. Аммо Илоҳий қонунни инкор этиб, унга бўйинсунмаган кимсалар эса ўзлари яшаб турган оламга ҳам жабр-зулм қиладилар, ўзлари ҳам мана шу жиноятларига яраша жазоларини оладилар.
Тўғри, кўп ҳолларда ушбу имтиҳон олами бўлмиш ҳаёти дунёда яхши билан ёмон, золим билан мазлум, мўмин билан кофир ёнма-ён - яхши баҳосини, ёмон жазосини олмасдан ҳам ўтавериши мумкин. Аммо имтиҳон ўтиб, ҳаёти дунё ниҳоясига етиб, Охират диёрига борилгач, албатта Ер юзидаги халифаликни ўрнига қўйиб иймон ва яхши амаллар билан ўтган тақводор зотлар ўзлари учун тайёрлаб қўйилган ажр-мукофотларни, Яратганни унутиб Ерда бузғунчилик қилиб ўтган фосиқлар - кофирлар эса ҳақиқий жазоларини олишлари аниқдир.
17. «Борди-ю, уйин-кулги қилишни (хотин ва фарзанд орттиришни) истаб (шундай) қилувчи бўлганимизда ҳам уни ўз ҳузуримиздан (яъни фаришталардан ёки жаннат хурларидан) қилган бўлур эдик».
Ушбу ояти карима малоикаларни ва ўзлари қўллари билан ясаб олган бут-санамларни “Булар Оллоҳнинг қизлари”, деб даъво қиладиган мушрикларга ҳам, “Ийсо Оллоҳнинг ўғли, Марям Оллоҳнинг хотини”, деб даъво қиладиган насронийларга ҳам, “Узайр Оллоҳнинг ўғли”, деб даъво қи-ладиган яҳудийларга ҳам баробар жавоб бўладиган Илоҳий Раддиядир. Ҳақ таоло ундай жоҳил кимсаларга ўзлари тушуна оладиган жуда оддий ва айни пайтда ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган мантиқ билан гўё шундай жавоб қилади: “Сизлар Оллоҳнинг хотини ва ўғил-қизлари бор”, деб Менинг шаънимга тухмат қиласизлар ва бу билан Менинг Ёлғизлик сифатимни инкор этиб, Менга ширк келтирасизлар Аввало бу сўзларингиз мутлақо ботил ва ҳеч қандай асоссиз пуч даъводир. Қолаверса, агар фаразан сизлар айтганингиздек, Бизга вақтичоғлик қилиш учун жуфт ёки кўнгилхушлик учун фарзанд керак бўлса, у ҳолда уларни Ўз даргоҳимиздаги жаннат ҳурларидан ёки Ўзимиз нурдан яратган малоикалардан танлаб олган бўлмасмидик. Наҳотки Биз бунинг учун сизлар тош-ёғочлардан ясаб олган бут-санамларингизга муҳтож бўлсак?! Шунингдек, агар Марям, сизлар даъво қилганингиздек, Бизнинг жуфтимиз бўлса, у сизларнинг орангизда - Ерда нима қилиб юрибди?! Ахир эр қаерда бўлса, хотин ҳам ўша жойда бўлиши лозим эмасмиди?! Бас, сизларнинг бу каби сўзларингиз ақлсизликдан ўзга нарса эмасдир ва бундай сўзларга эргашиш ҳам ақлли кишиларнинг иши эмасдир”.
18. Йўқ, (Биз ундай айбу нуқсондан Поқцирмиз), Биз Ҳақ - Куръонни ботил-ёлғоннинг устига отурмиз, бас, (Ҳақиқат ботилни) эзиб-янчиб, баногоҳ (ботил) йўқ бўлгувчидир. Сизлар учун эса, (эй мушриклар, Оллоҳни «Хотини, боласи бор», деб нолойиқ сифатлар билан) сифатлаганларингиз сабабли вайл - дўзах бўлур.
Яъни, йўқ, Бизнинг ишимиз хотин ва фарзанд тутиб, улар билан ўйин-кулги, вақтичоғлик қилиш эмасдир, балки Бизнинг ишимиз жиддийликни беҳуда-ботил ўйин-кулги устидан ғолиб қилишдир, Ҳақиқат билан ботил-ёлғонни эзиб йўқ қилишдир. Шунинг учун биз сизларнинг: “Оллоҳнинг хотини бор, боласи бор”, деб келтираётган ширкларингиз - ботил сўзларингиз устига Ўзимизнинг ҳар қандай айбдан, жумладан, хотин ва фарзанд тутиш, улар билан вақтичоғлик қилиш нуқсонидан ҳам пок эканлигимиз ҳусусидаги Ҳақ Ҳужжатни отурмиз, бас, у гумонларингиз Ҳақиқатга қарши тура олмай парча-парча бўлиб кетар - йўқ бўлар. Аммо сизлар учун ҳар қандай айбу нуқсондан Пок бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолони нолойиқ сифатлар билан сифатлаганларингиз сабабли вайл - дўзах бўлур.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Вайл - жаҳаннам қаъридаги бир олов водийси”.
19. Осмонлар ва Ердаги бор жонзот Ёлғиз Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни, фаришталар) Унга бандалик қилишдан кибрланмайдилар ва чарчамайдилар.
Яъни, турар жойлари осмонларда бўлган ва манзилат-мақомлари осмонлар қадар юксак бўлган мунаввар малоикаларни ҳам, Ерда яшовчи барча инсонлар ва бошқа жамийки жонзотларни ҳам йўқдан бор қилган Эгаси ва уларнинг барчасига умр-ризқ бериб бошқариб тургувчи Парвардигори Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Бас, қандоқ қилиб У Зот Ўзи яратган махлуқотидан айримларини Ўзига хотин ёки бола, яъни, шерик қилиб олади?! Йўқ, на осмонлар ва на Ердаги бирон жонзот У Танҳо Маъбуди Барҳаққа шерик бўла олмайди. Балки осмонлардаги жамийки фаришталар, ҳатто Яратганнинг яқин-муқарраб малоикалари ҳам “биз осмонлар устида, энг юксак манзил бўлмиш олий даргоҳда - Холиқимиз ҳузурида яшаймизку, бизларнинг бирон гуноҳимиз йўқку”, деб кибрланмасдан тинимсиз Оллоҳтаолога ибодат қиладиларку?! Бас, шу ҳолда сиз, эй, Ердаги гуноҳкор бандалар нега У Зотга ибодат қилишдан орланасиз?!
20. Улар кечаси ҳам, кундузи ҳам чарчамасдан, сусткашлик қилмасдан (Оллоҳ таолога) тасбеҳ айтадилар.
Яъни, Оллоҳ таолонинг нурдан яратган пок малоикалари бирон зум тўхтамасдан, бирон нарсага чалғимасдан, тун кун демасдан ҳар бир нафасларида Яратганнинг ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зот эканлигини зикр қилиб тасбеҳ айтадилар, ҳамду санолар билан Уни улуғлайдилар.
Абдуллоҳ ибн Ҳорис раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен Каъб розияллоҳу ан-ҳудан: “Малоикаларнинг тасбеҳ айтишдан бошқа ишлари йўқми? Наҳотки бирон нарса уларни тасбеҳдан чалғитмаса?” деб сўраган эдим, у: “Кимсан?” деди. Мен: “Абдул-Мутталиб авлодиданман”, дедим. Шунда у мени бағрига босиб: “Эй биродаримнинг ўғли, сени бирон нарса нафас олишингдан чалғита оладими? Билгилки, тасбеҳулар учун нафас олиш билан баробардир”, деди”. (“Тафсири Куртубий”дан).
21. Балки улар (яъни, мушриклар) Ердан (яъни, Ердаги тош, ёғоч ва бошқа нарсалардан ўзлари ясаб) тутиб олган “илоҳлар” (ўликларни ҳам) тирилтира олсалар керак?!
Яъни, агар мушриклар чўқиниб-сиғинаётган ўша жонсиз “илоҳлар” ўликни қайта тирилтира олмайдиган бўлсалар, - бу тўғрида бирон ақлли инсон шубҳа қилмаса керак - у ҳолда мушрик кимсалар у бут-санамларга нима сабабдан сиғинадилар-у, улардан қандай ҳожатларини сўрамоқчи бўладилар?!
Ушбу ояти карима Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога оёқлари остидаги Ердан, ундаги ҳар-ҳил жисмлардан ясаб олган бут-санамларини шерик қилиб олган мушрикларга қарши нозил қилинган ўта жиддий айбловдир, бировларнинг жонсиз жасадларига жон киритиш у ёқда турсин, ўзлари ҳам жонсиз тош, темир ёки ёғочлардан бўлган бут-санамларни “илоҳлар” деб сиғиниш ниҳоят даражада ақлсизлик эканини фош қиладиган бир Илоҳий ҳужжатдир, мушрикларнинг нақадар жаҳолат ботқоғига ботиб қолган том маънодаги нодон кимсалар эканликларининг яна бир исботидир.
22. Агар (осмонлар ва Ерда) Оллоҳдан ўзга худолар бўлганида эди, албатта, (у худоларнинг ҳар бири ўз хоҳиш-иродасини амалга оширмоқчи бўлар ва бунинг натижасида Еру осмоннинг) ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Бас, Арш Эгаси бўлмиш Оллоҳ улар сифатлаётган нарсадан (шериклардан) Покдир.
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг Танҳолиги, Унинг бирон бир шериги бўлиши асло мумкин эмаслиги хусусидаги яна бир Илоҳий Далилдир, ҳеч ким инкор эта олмайдиган мантиқий Ҳужжатдир. Дарҳақиқат Илоҳ сўзи бутун борлиқни, ҳар бир мавжудотни йўкдан бор қилган Холиқ, барча махлуқотга умр ва ризқ бериб, бошқариб тургувчи Парвардигор, ўлдириш ҳам, тирилтириш ҳам Ўз Қўлида бўлган Хожа, нафақат ҳаёти дунёни, балки Охират диёрини ҳам Ўз Ҳукми остида ушлаб тургувчи, бандаларини ҳисоб-китоб қилиб Қиёмат кунида яхшига мукофот-жаннат неъматларини ато этгувчи, ёмонга жазо-дўзах азобини бергувчи чексиз-чегарасиз Қудрат Соҳиби бўлган Подшоҳ деган маънони англатгани учун Еру осмонларда Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бошқа илоҳлар ҳам бор деб даъво қилиш мутлақо ақлсизлиқцир. Чунки, агар фаразан осмонлардами, Ердами Ёлғиз Оллоҳдан ўзга илоҳлар ҳам бўлганида, табиийки. Улардан ҳар бири ўзи ҳоҳлаган ишни қилмоқчи, ўз хукмини юргизмоқчи бўлар ва натижада ўртала-рида чиққан ихтилоф-келишмаслик сабабли бир зумда Ер-у осмон ва улардаги бор жонли-жонсиз мавжудотнинг барчаси ҳалок бўлиши муқаррар эди. Демак, аниқ маълум бўладики, бутун борлиқнинг - Ер-у осмонларнинг, дунё ва Охиратнинг Илоҳи Танҳо Оллоҳтаоло бўлгани учун ҳам тинч-осуда ҳаёт давом этмоқда, осмонлар ва Ер бузилмасдан, йўқ бўлмасдан ўз ўрнида турибди. Бас, Оллоҳ таолонинг Якка-ю Ёлғиз, ҳеч қандай шериги бўлмаган Илоҳ эканлигига яна қандай далил-исбот керак?! Албатта, агар бир мамлакатда иккита подшоҳ бўлса, у жойда осуда ҳаёт кечириб бўлмаслигига, ҳатто, бир оилада иккита бошлиқ бўлса, у оила бузилиб кетиши аниқ эканлигига ақли-фаросати етадиган ҳар бир инсон, агар Ер-у осмонда Танҳо Оллоҳдан ўзга илоҳлар бўлганида, шак-шубҳасиз бутун борлиқ бузилиб, йўқ бўлиб кетиши аниқ эканлигига ҳам ақл-фаросати етади. Демак, мушрик-кофирларнинг: “Оллоҳнинг боласи бор, хотини бор”, деб даъво қилишлари, ўзлари қўллари билан ясаб олган бут-санамларига: “Булар ҳам илоҳларимиз”, деб сиғинишлари очиқ жаҳолатдир. “Бас, Арш Эгаси бўлмиш Оллоҳ улар сифатлаётган нарсадан (“шериклар”дан) Покдир”.
“Оллоҳнинг боласи йўқдир ва У Зот билан бирга бирон илоҳ йўқдир. Акс ҳолда албатта ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олур эдилар (яъни, ҳар бир «илоҳ» ўз хукмини ўтказмоқни истаб, натижада Еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Оллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) Покдир.” (Мўминун сураси, 91-оят).
23. У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида сўралмас, улар эса, (яъни, бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) сўралурлар.
Яъни, махлуқотидан ҳеч бир кимса Оллоҳ таолонинг Ҳукмига эътироз билдиришга, “нега ундай қилдинг, нега бундай қилмадинг?” деб Яратганни сўроқ-савол қилишга ҳақли эмасдир, Оллоҳ таоло эса, Қиёмат Кунида Ўзи яратган ҳар бир махлуқни, қилиб ўтган ҳар бир иши ҳақида сўроқ-савол қилур ва бу Яратганнинг ҳаққидир.
Ҳақ таолонинг қилган бирон иши, буюрган бирон хукми ҳақида сўралмаслигига сабаб, У барча нарсани Билгувчи бениҳоя ва Азалий Илм Эгасидир, Ундан бошқа барча махлуқот, жумладан жамийки инсонлар эса, Унинг нодон, ўта оз илмга эга бўлган кулларидир. Бас, нодон қулнинг барча нарсани Билгувчи Хожасига эътироз билдириши, Унинг Илм, Ҳикмат ва Адолат билан қилган Ҳукмидан норози бўлиши асло дуруст эмасдир. Ахир баъзи бир ҳолларда инсоннинг ўзига ҳамжинс бўлган инсонга - фуқаронинг султонга эътироз билдириши, унинг ҳукмидан норози эканлигини айтиши ақлсизлик ҳисобланадику, қандай қилиб ожиз ва нодон кулнинг бутун оламлар Подшоҳига, Унинг Ҳукмига эътироз билдири-ши дуруст бўлсин?! Яратганнинг Ҳукмидан норози бўлиш, “Сен қора лойдан яратган кимсага сажда қилгурманми?” (Ал-Исро сураси, 61-оятдан) деб кибр-ҳаво билан Оллоҳнинг Ҳукмига бўйинсунмаслик малъун иблисни жаннатдан маҳрум этиб, Парвардигорнинг қарғишига дучор қилгани барча инсонлар учун улуғ огоҳлантиришдир.
24. Ёки Уни қўйиб (бошқа) «худолар”ни тутиб олдиларми?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: («Эй мушриклар, мана шу ширкларингиз ҳақ эканлигига) ҳужжат-далилларингизни келтирингиз! Мана мен билан бирга бўлган (мўминларнинг) Эслатмаси (яъни, Қуръон) ва мендан аввалгиларнинг Эслатмалари (яъни, Таврот, Инжил. Мана шу Китобларнинг қайси бирида Оллоҳдан ўзга ҳам худолар мавжуд эканлигига ҳужжат-далил бор?!)» Йўқ, уларнинг аксариси Ҳақиқатни билмайдилар, бас, (шунинг учун ҳам Ундан) юз ўгиргувчидирлар.
Яъни, юқоридаги оятларда келтирилган далиллардан кейин ҳам у мушриклар Оллоҳтаолодан ўзга “илоҳлар”ни тутишлари ва: “Оллоҳнинг шерик-лари бор”, деб сифатлашлари дуруст бўлурми?! Бас, эй Муҳаммад алайҳис-салом уларга айтинг: “Эй мушриклар, модомики сизлар ҳали ҳам “Оллоҳ таолонинг шериклари бор”, деган даъволарингизда оёқ тираб турар экансизлар, у ҳолда бу даъволарингизнинг тўғри эканлигига хоҳ ақлий бўлсин, хоҳ нақлий бўлсин ҳужжат-далилларингизни келтиринглар! Мана, менга ва мен билан бирга бўлган мўминларга Оллоҳтаоло томонидан Эслатма қилиб юборилган Қуръон ва мендан аввалги умматларга Эслатма бўлиб нозил қилинган Таврот, Инжил Китоблари. Бу Илоҳий Эслатмаларнинг қай бирида Оллоҳ таолонинг шериклари ҳам бор, деб айтилган?! Ахир бу Илоҳий Китобларнинг барчасида Оллоҳ таолонинг Танҳо эканлиги таъкидланганку!” Йўқ, у мушрик кимсалар ўзларининг ботил ва мутлақо асоссиз даъволарига албатта ҳеч қандай ҳужжат-далил келтира олмайдилар. Чунки Оллоҳ таолонинг Ер юзига нозил қилган сўнгги Китоби бўлмиш Қуръонда ҳам, илгари нозил бўлган Таврот, Инжил каби Китобларда ҳам Ҳақ таолонинг Якка-ю Ёлғиз экани, ҳеч ким ва ҳеч нарса Оллоҳ таолога шерик эмаслиги ва шерик бўла олмаслиги қайта-қайта таъкидлангандир. Демак, мушрикларнинг “касали” бошқа - уларнинг кўплари Ҳақиқатдан бехабар, Ҳақни ботилдан ажрата олмайдиган жоҳил кимсалардир. Бас, фақат мана шу жаҳолат-нодонлик сабабидан улар Ҳақ Диндан юз ўгиргувчидирлар.
25. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир элчи-пайғамбарга ҳам: Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Менинг Ўзим бордирман, бас, сизлар фақат Менга ибодат қилинглар», деб ваҳий юборганмиз.
Ушбу ояти карима юқоридаги оят мазмунини яна бир бор таъкидлайди.
Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз шуни аниқ билингки, Биз Сиздан илгари юборган барча элчи-пайғамбарларимизга ҳам, яъни, Ер юзидаги биринчи пайғамбар бўлмиш Одам алайҳис-саломдан бошлаб, Ийсо алайҳис-саломгача барча-барчаларига ҳам худди Сизга ваҳий қилганимиздек: “Ҳеч қандай Илоҳ йўқ, Ёлғиз МенингЎзим бордирман, бас, сизлар фақат Менга ибодат қилинглар!” деб ваҳий юборганмиз”. Демак, Ер юзига юборилган жамийки пайғамбарларга ўз қавмларига улар ҳар икки дунёдаги бахт-саодатга эришишлари учун икки Илоҳий Фармонни адо этмоқликлари фарз эканини етказиш вази-фаси топширилганки, улардан биринчиси, Оллоҳ таолонинг Бор ва Бир эканлигига сидқидилдан иймон келтиришлари, иккинчиси, ана ўша Танҳо Маъбуди Барҳаққа чин ихлос билан ибодат қилишларидир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни, улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқингчи, Биз Раҳмондан (яъни, Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар)!” (Зухруф сураси, 45-оят). “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Оллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир элчи юборганмиз. Шунда (ўша умматлар) орасида Оллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлгончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар.” (Нахуг сураси, 36-оят).
26. Улар (яъни, Макка мушриклари): «Раҳмоннинг (фаришталардан) боласи бор», дедилар. У Зот (мушрикларнинг бадгумонларидан) мутлақо Покдир. Йўқ, (фаришталар асло Оллоҳнинг болалари эмас, балки улар) азиз-мукаррам бандалардир.
Ушбу ояти карима “Ийсо Масиҳ Оллоҳнинг ўғли”, дейдиган масиҳийларга, “Узайр Оллоҳнинг ўғли”, дейдиган яҳудларга ва “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари”, дейдиган динсиз мушрик кимсаларга қарши Илоҳий Раддиядир. Оллоҳ таоло ҳеч кимга муҳтож эмас, барча Унга муҳтождир. Жумладан, У Буюк Зот оила, фарзандга муҳтож бўлиш айбидан мутлақо Покдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган бир ҳадиси Қудсийда шундай дейилади: Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ таоло шундай деди: “Одам боласи Мени ёлғончи қилди. Ҳолбуки, унинг бундай қилишга ҳаққи йўқ эди. Яна у Мени ҳақорат ҳам қилди. Ҳолбуки унинг бундай қилишга ҳам ҳаққи йўқ эди. У Мени ёлғончи қилгани шуки, унинг даъвосича, Мен уни Қиёмат Куни аввал қандай бўлган бўлса, ўшандай ҳолатда қайта тирилтира олмас эмишман. У Мени ҳақорат қилгани: “Оллоҳнинг боласи бор”, деганидир. Мен оила ва фарзанд тутиш айбидан Покдирман”. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳдан кўра эшитган азийятига сабр қилгувчироқ ҳеч ким йўқ. Улар (яъни, кофирлар) “Унинг боласи бор”, дейишади, У эса яна уларга ризқ ҳам, соғлик ҳам бераверади”, деб марҳамат қилганлар.
Демак, Оллоҳнинг Бирлигини тан олмаслик Оллоҳнинг Борлигини тан олмаслик билан баробар куфрдир. Ахир, Осмонлар ва Ердаги барча нарсани, ўшалар ичида Узайрни ҳам, Ийсони ҳам, малоикаларни ҳам Ёлғиз Ўзи яратган бўлса, ҳамма нарса - хоҳлайдими-хоҳламайдими - Унинг Ўзига бўйсуниб турган бўлса, қандай қилиб ўша махлуқлардан кимдир бирови Холиққа фарзанд бўлиши мумкин?! Албатта, Оллоҳ таборака ва таоло ҳар қандай айбу нуқсондан, жумладан фарзанд тутиш айбидан ҳам мутлақо Покдир.Мана бу оят ҳам мушрикларнинг айтаётган сўзлари ҳеч қандай асосга эга бўлмаган ғирт ёлғон эканлигини исботлайди: “Энди (эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка кофирларидан) сўрангчи, қизлар (яъни, уларнинг гумонича, фаришталар Оллоҳнинг қизлари эмиш) Парвардигорингизники-ю, ўғиллар уларникимикан?! Ёки Биз фаришталарни улар гувоҳ бўлган ҳолларида қиз қилиб яратдикмикан?! Огоҳ бўлингизким, улар ёлғончиликлари туфайли «Оллоҳнинг боласи (яъни, қизлари) бор», дерлар. Улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар. (Оллоҳ) ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?! (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқар-моқдасизлар-а?! Ахир эс-ҳушингизни йиғмайсизларми?! Ёки сизлар учун (Оллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?! Бас, агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтирингларчи?! (Мушриклар, Оллоҳ) билан жинлар (яъни, фаришталар) ўртасида насаб (яъни, ота-болалик бор, деб гумон) қилдилар. Ҳолбуки, жинлар-фаришталар эса, (мушрикларнинг Қиёмат Кунида Оллоҳ азобига) ҳозир қилингувчи эканликларини аниқ билдилар. Оллоҳ уларнинг («Оллоҳнинг боласи бор», деб) сифатлашларидан Покдир”. (Вас-саффот сураси, 149-159-оятлар).
“Йўқ, (фаришталар асло Оллоҳ таолонинг болалари эмас, балки улар) иззат-икромга лойиқ бўлган бандалардир”.
Яъни, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло нурдан яратган бу покиза бандалар У Зотнинг ҳар бир Амру Фармонини буюрилгани янглиғ адо этганлари ва ҳеч қачон Яратганга итоатсизлик қилмаганлари шарофатидан шу қадар иззат-икромга сазовор бўлдиларки, Оллоҳтаоло уларга осмонлардан жой ато этиб, Ўзининг муқарраб-яқин бандаларидан қилди. Чунки -
27. (Фаришталар) бирон сўзда У Зотдан илгари ўтмайдилар ва улар фақат (Оллоҳнинг) Амри Фармони билан амал қилурлар.
Яъни, фаришталар Оллоҳ таолонинг бениҳоя одобли ва итоатгўй қул-лари бўлганлари сабабидан У Зот айтмаган - айтишга амр қилмаган бирон сўзни сўзламайдилар ва ҳар вақт фақат Яратган буюрган амалларнигина худди буюрилганидек, сўзсиз итоат билан адо этурлар. Бас, улар бирон сўзда ёки амалда Оллоҳтаолога беодоблик ёки итоатсизлик қилмай-диган солиҳ бандалардир.
28. (Оллоҳ) уларнинг олдиларидаги бор нарсани (яъни, келажакда қиладиган барча иш-амалларини) ҳам, ортларидаги бор нарсани (яъни, қилиб ўтган барча иш-амалларини) ҳам билур. Улар (Қиёмат қойим бўлган Кунда) фақат (Оллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар - қўллай олурлар. Уларнинг ўзлари (Оллоҳдан) қўрққанлари сабабли доимо хавфу хадикда турурлар.
Яъни, барча жонзотнинг, жумладан малоикаларнинг ҳам олдиларида нима кутиб тургани-ю, ортларида нима қолгани, улар ўтмишда қандай иш-амалларни қилдилар-у, келажакда қандай иш-амалларни қилажаклари барча-барчаси Оллоҳ таолога аёндир. Шу боисдан малоикалар ҳаёти дунёда қиладиган ҳар бир иш-амалларида Оллоҳ таолони ёдда тутиб, Унинг бирон-бир амрига хилоф иш қилиб қўймасликка ҳаракат қиладилар ва Охиратда, уларга шафоат қилиш ҳуқуқи берилганида ҳам фақат Оллоҳ таоло шафоат қилинишларига рози бўлган кишиларни, яъни, “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиб иймон келтирган мўминларнигина шафоат қиладилар. Демак, у Кунда Оллоҳтаолонинг ризолигисиз ҳеч ким ҳеч кимнинг гуноҳини сўраб шафоат қила олмайди. Бас, мушрик кимсалар фаришталарга сиғинишлари ва “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари”, деб Оллоҳ таолога ширк келтиришлари билан Охиратда малоикаларнинг шафоатига етишдан умидвор бўлмасинлар.
Қиёмат Кунида шафоат қилиш изни бериладиган бандаларнинг энг улуғи бўлмиш Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг мана бу муборак сўзлари ҳам шафоат неъмати фақат мўминларга насиб этиши ҳақида хабар беради: Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у киши: “Ё Расулуллоҳ, Қиёмат Кунида Сизнинг шафоатингиз сабабли саодатга эришадиган инсонлар кимлар”, деб сўраганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта ҳарислигинг учун бу сўз ҳақида сендан олдин ҳеч ким сўрай олмаслигини билар эдим. Ким чин қалбдан, холис ният билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, ана ўшалар Қиёмат Кунида менинг шафоатим сабабли саодатга эришадиган инсонлардир”, деб марҳамат қилдилар.
“Уларнинг ўзлари (Оллоҳдан) қўрққанлари сабабли доимо хавфу ҳадикда турурлар”.
Яъни, малоикалар - нурдан яралган у бегуноҳ бандалар, гарчи уларга Қиёмат Кунида гуноҳкор мўминларни шафоат қилиб гуноҳларини сўраб олиш мартабаси ато этилса-да, бу билан ғурурланиб, кибрланмайдилар, балки аксинча, Оллоҳтаолодан қўрққанлари сабабли доимо амал-ибодатлари-да бирон хатога йўл кўймасликка ҳаракат қилиб хавфу ҳадикда турадилар.
29. (Агар фаразан ўша фаришталардан) бирон кимса: «Мен ҳам (Оллоҳдан) ўзга бир илоҳман», дейдиган бўлса, бас, Биз ўшани жаҳаннам билан жазолармиз. Биз барча золим-мушрикларни ана шундай жазолаймиз.
Қатода, Заҳҳок ва бошқа муфассирлар: “Ушбу ояти каримада зикр қилинган - ўзини Оллоҳдан ўзга илоҳ деб даъво қилган кимсадан мурод, иблисдир, чунки ана ўша малъун одамларни ўзига тоат-ибодат қилишга чақириб васваса қилади. У аслида малоикалар қавмидан эди. Қачонки Оллоҳ таолонинг “Сажда қилгин”, деган Амрига мутакаббирлик билан итоат этмагач, даргоҳи Илоҳийдан қувилди ва лаънатланди. Аммо малои-калардан биронтаси ўзини илоҳ деб даъво қилгани йўқ”, дейдилар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Ҳақ таоло кимда-ким ўзини Оллоҳдан ўзга илоҳ деб даъво қиладиган бўлса, ҳатто у малоикалар қавмидан бўлса ҳам ундай кимсаларни албатта жаҳаннамга солиши ҳақида хабар бериб, уларни золимлар яъни, Ҳақни тарк этиб, ботил сўзни айтувчилар деб атайди ва ундай золимларнинг ҳар қандай тоифаси учун энг адолатли жазо дўзах азоби эканини айтади. Демак, Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ субҳонаху ва таолодан ўзга илоҳлар ҳам бор деб ширк келтирган ва Ундан ўзга бирон кимса ёки нарсага дуо-илтижо қилиб сиғинган барча мушрикларнингжазоси ҳеч шак шубҳасиз жаҳаннамдир.
30. Кофир бўлган кимсалар осмонлар ва Ерни бир-бирларига ёпишган ҳолда бўлганини, бас, Биз уларнинг ўртасини очиб юборганимизни ва сувдан барча жонли мавжудотни (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми-билмадиларми?! Энди ҳам (яъни, Яратгувчи ва Бошқариб тургувчи Ягона Оллоҳ борлигига очиқ далолат қилиб турган мана шундай далиллардан кейин ҳам) иймон келтирмайдиларми?!
Ушбу ояти каримани муфассирлар турлича тафсир қилганлар: Ибни Аббос розияллоҳу анҳумо, Ато ва Қатода айтадилар: “Аввал-бошда осмонлар ва Ер бир-бирларига ёпишган бир нарса эди, сўнгра Оллоҳ таоло уларнинг ўртасини ҳаво билан очиб ўрталарини ажратди”.
Мужоҳид ва Суддий айтадилар: “Аввал-бошда осмонлар бир қават бир-бирига ёпишган ҳолда эди, сўнгра Оллоҳ таоло уларни етти осмон қилиб бир-бирларидан ажратиб қўйди. Шунингдек, Ер ҳам бир қават -бир-бирига ёпишган ҳолда эди, сўнгра Оллоҳ таоло уларни етти қават қилиб, бир-бирларидан ажратиб кўйди”.
Икрима ва Атийя айтадилар: “Аввал-бошда осмон тўсилган бўлиб, ундан ёғин ёғмас эди, Ер ҳам тўсилган бўлиб, ундан гиёҳ унмас эди, сўнгра Оллоҳ таоло осмондан ёғин ёғдириб, Ердан гиёҳ ундириб, уларни очиб юборди”, (“Тафсири Бағавий” ва “Тафсири Куртубий”дан).
Кўриниб турганидек, улуғ муфассирлардан (Оллоҳ барчаларидан рози бўлсин), ривоят қилинган ушбу тафсирлар бир-бирларини инкор қилмайди, балки аксинча бир-бирларини тўлдириб, биз ўқувчиларга ояти карима мазмунини яхшироқ тушуниб-англашимизда ёрдам беради.
Ушбу оятда осмонлар ва Ерни аввал-бошда қай ҳолатда яратиб, сўнгра қандай шаклу шамоилга эга қилгани ҳамда барча жонзотни сувдан пайдо қилгани ҳақида хабар бериш билан Ҳақ таоло Ўзининг мислсиз Қудрат ва Илм Соҳиби эканини эслатади-да, сўнг наҳотки кофир-мушрик кимсалар барча нарсани йўқдан бор қилгувчи ҳам, бошқариб тургувчи ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эканини кўрмаётган-билмаётган бўлсалар?! Йўқ, агар кўриб-билиб турган бўлсалар, у ҳолда нега У Зотнинг Бор ва Бир эканлигига иймон келтирмайдилар?! деб у ғофил кимсаларни қаттиқ огоҳлантиради.
Шунингдек, ушбу ояти карима Қуръон асло Муҳаммад алайҳис-саломнинг ўзлари ўйлаб топган сўз эмас, балки Буюк Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло нозил қилган Каломуллоҳ эканига яна бир ёрқин далилдир. Чунки фалакшунос олимлар асрлар давомида баҳс-мунозаралар қилиб, изланиб, энди-энди айтаётган сўзларини - қуёш ва унинг атрофидаги жамийки сайёралар, жумладан Ер ҳам аслида ягона бир жисм бўлган, сўнгра вақтлар ўти-ши билан бир-бирларидан ажралиб, осмонларнинг турли қаватларига сочилиб кетганлар ва Ер ҳам учар олов бўлган қуёшдан ажралганидан кейин сирти совиб, унда денгиз-дарёлар пайдо бўлган, натижада Ер усти-да инсонлар ва турли-туман хайвоноту ҳашаротлар яшашига, ўсимликлар ўсишига шароитлар вужудга келган, Ер ости эса, ҳали-ҳамон совумаган ва совумайди ҳам, балки унинг қаърида ўтли ҳаво бўлган газ, куюқ олов бўлмиш нефт қисилиб, сиртга чиқиш йўлини излаб ётади, айрим ерларда эса, қисилган олов вулқон бўлиб Ер юзига отилиб чиқиб турадики, буларнинг барчаси Ернинг аслида оловли қуёшнинг бир бўлаги бўлганига далолат қилади, деган сўзларини яъни, осмонлар ва Ер аслида бир-бирларига ёпишган ҳолда эдилар, сўнгра Оллоҳ таоло уларни бир-биридан ажратди деган Сўзни, агар бу Сўз жаноби Ҳақ томонидан ваҳий қилинмаган бўлса, хат-саводи бўлмаган уммий Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтишлари асло мумкин эмас эди.
Шунингдек, Ер юзидаги жамийки жонзотнинг, у инсон бўладими, парранда ёки дарранда бўладими ёхуд митти ҳашаротми, ҳамма-ҳаммасининг асли - “хамиртуруши” сув эканлигини ва барча жонзот ҳам, наботот ҳам, ҳатто оёғимиз остидаги тупроқ ҳам сув билан тириклигини, яъни, агар сув бўлмаса, ҳаёт ҳам бўлмаслигини ҳам Ёлғиз Яратгандан ўзга ҳеч ким айтиши мумкин эмасдир.
Ушбу ва куйидаги оятларда инсонлар коинотдаги Яратганнинг Қудратига далолат қиладиган оят-аломатлар ҳақида тафаккур қилишга, оят сўзлари билан айтилса, “кўриб-билишга” ҳамда ана ўша тенгсиз Қудрат Соҳибининг Бор ва Бир эканлигига иймон келтиришга даъват этиладилар.
31. Биз Ер (одамларни) тебратмаслиги учун унда тоғларни (пайдо) қилдик ва Тўғри Йўлни топишлари учун унда кенг дара-йўлларни пайдо қилдик.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: “Қачонки Оллоҳ таоло Ерни яратганида у тинмай чайқалиб-тебрана бошлади. Шунда малоикалар: “Бу ўз устида бирон кимсани тургизмайди”, дедилар-у, эрталаб кўрсалар, уни тоғлар билан “михлаб” қўйилибди. Бас, малоикалар у тоғлар нимадан яратилганини билмай қолавердилар”. (“Маолимут-танзийл”тафсиридан).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсонларга ато этган яна икки неъматини зикр қилади. Биринчиси, У Зот, Ер ўзининг устидаги жонзотлар билан бирга ўз ўқи атрофида тинмай айланиб турар экан, титраб-силкинмаслиги учун уни ўрнашган тоғлар билан михлаб-мустаҳкамлаб қўйди. Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай дейилади: “Биз Ерни (барча жонзотлар маскан тутиб яшашлари учун) бир тўшак, тоғларни эса (ўша Ерни тутиб тургувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!” (Набаъ сураси, 6-7-оятлар).
Дарҳақиқат бағрига ўрнашган тоғлари бўлмаган Ер бамисоли суяксиз гўштга ўхшайди. Худди жонзотнинг жасади суяклари борлиги сабабли тик тура олганидек, Ер ҳам ўрнашган тоғлари билангина собит, барқарордир.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтди: “Қачонки Оллоҳ таоло Ерни яратганида у тепиниб-тебраниб: “Эй Роббим, Сен мени тинмай гуноҳ-маъсиятлар қиладиган, устимга ўлимтик ва ахлатлар тўкадиган кимсаларга оёқ ости қилиб қўясанми?” деган эди, Оллоҳ таоло дарҳол унга сизлар кўра оладиган ва кўра олмайдиган тоғларни ўрнатиб, қимирламайдиган қилиб қўйди”.
Ояти каримада мазкур бўлган иккинчи неъмат, Ҳақ таоло Ер юзи бўйлаб катта-кичик йўлларни пайдо қилиб қўйганидир. Зотан, айланма узоқ бўлса ҳам йўлдан юринглар, нотинч бўлса ҳам шаҳарда туринглар, ёмон бўлса ҳам бикрга уйланинглар, деб бекорга айтилмаган. Чунки йўллар одамлар адашиб қолмасдан кўзлаган манзилларини осон топишларига сабаб бўладиган ва уларнинг узоқларини яқин қиладиган катта қулайлик - неъмат бўлиб, аксинча йўлсизлик ёки йўлни йўқотиб қўйиш эса, кўп ҳолларда кишининг ҳалокатига сабаб бўладиган чўнг балодир.
32. Ва Биз осмонни ҳимояланган том қилиб қўйдик. Улар (яъни, мушриклар) эса, (осмоннинг ой, қуёш, юлдузлар каби Оллоҳ таолонинг Қудратига далолат қилиб турадиган) оят-аломатларидан юз ўгирувчидирлар.
Ояти каримадаги: “Ва Биз осмонни ҳимояланган том қилиб қўйдик” жумласини уламолар икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир, гарчи осмонни кўтариб турадиган бирон устуни бўлмаса-да, Ҳақ таолонинг Қудрати билан у Ерга қулаб тушишдан сақлангандир. Бунинг далили мана бу оятдир: “...(Оллоҳнинг) Ўзи осмонни Ерга қулаб тушишдан тутиб туришини, магар Унинг Изни-Иродаси билангина (қулаши мумкинлигини) кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Оллоҳ одамларга Меҳрибон ва Раҳмлидир”. (Ҳажсураси, 65-оят).
Иккинчи тафсир, осмон Оллоҳ таолонинг Амри билан жин-шайтонлардан ҳимояланган - муҳофаза қилингандир. Бунинг далили мана бу оятлардир: “Ва уни (осмонни) барча қувилган - лаънатланган шайтон (жин)лардан муҳофаза қилдик. Магар (у жинлардан) ким (осмондаги малоикаларнинг бирон сўзини) ўғринча эшитиб олса, бас, уни очиқ (учар) юлдуз қувиб етар (яъни, ҳалок этар)”. (Ҳижр сураси, 17-18-оятлар).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтди: “Илгари шайтон-жинлар осмонлардан тўсилмас эдилар. Шунингучун улар етти қават осмонга ҳеч қандай тўсиқсиз кириб, у жойлардаги хабарларни келтириб Ердаги коҳин-фолбинларга етказар эдилар. Қачонки Ийсо алайҳис-салом туғилгач, жинлар уч қават осмондан тўсиб қўйилдилар ва Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топганларидан кейин эса, улар етти қават осмоннинг барчасидан бутунлай тўсилдилар. Энди жинлардан биронтаси осмон хабарларини ўғринча эшитиб олишга урингудек бўлса, албатта унга бир учар юлдуз отиладиган бўлди. Бас, улар ўзларининг ўғринча эшитиб оладиган жойларидан маҳрум бўлиб қолишгач, бу ҳақда катталари иблисга шикоят қилган эдилар, у: “Демак, Ерда бир ҳодиса юз берган”, деди-да, жинларни Ернинг ҳар тарафига қандай ҳодиса рўй берганини билиб келиш учун юборди. Шунда улар Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг Қуръон тиловат қилаётганларини кўрдилар ва: “Оллоҳга қасамки, Ерда рўй берган Ҳодиса мана шудир”, дедилар”. (“Тафсири Бағавий”дан).
“Улар (яъни, мушриклар) эса, (осмоннинг ой, қуёш, юлдузлар каби Оллоҳ таолонинг Қудратига далолат қилиб турадиган) оят-аломатларидан юз ўгиргувчидирлар”.
Дарҳақиқат, динсизлик том маънодаги ғафлатдир. Кофир, мушрик кимсалар Куръони Азимдек Буюк Мўъжизадан ғафлатда бўлганлари ва бу Азиз Китобдаги эслатма ва панд-насиҳатлардан ибрат олмаганлари каби, Еру осмонлардаги Оллоҳ таолонинг Борлигига, Танҳо Холиқ эканига далолат қиладиган, Унинг ҳар ишга Қодир, барча нарсани Билгувчи, не иш қилса ҳикмат билан қилгувчи, бандаларига бениҳоя Мархдматли Зот эканини аниқ кўрсатиб турадиган сон-саноқсиз мўъжизалар олдидан ҳам кўз юмганча ўтиб кетаверадилар, худди ақлсиз ҳайвонлардек, агар ён-атрофларига қарасалар ҳам фақат қорин ғамида, нафсоний истак ёки шаҳвоний хоҳишларини қондириш илинжида қарайдилар - кўрганларидан асло ибрат олмайдилар ва ҳар бир яралмиш Танҳо Яратгувчи бор эканига далолат қилиб тургани ҳақи-да мутлақо тафаккур қилмайдилар. Уларнинг гумонича Еру осмонлардаги бор мавжудот гўё ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолгандек ёки шундоқ бехуда-бекор яратиб қўйилгандек! Гарчи Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг Буюк Эслатмасида: “Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах - ҳалокат бўлғай!” (Сод, 27-оят), деб огоҳлантирган бўлса-да, уларнинг кўзлари очилмайди, ғафлатларидан уйғонмайдилар.
33. Кеча ва кундузни, қуёш ва ойни яратган Зот ҳам Унинг Ўзидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари осмони фалакда сузиб юрурлар.
Яъни, эй инсонлар, Оллоҳ таоло шундай Зотки, сизлар ухлаб-ором олишларингиз учун кечани, ишлаб тирикчилик қилишларингиз учун кундузни, кунларни ёритиб ва иситиб турадиган чироқ бўлиши учун қуёшни ва кечаларни ёритиб турадиган чироқ бўлиши учун ойни яратиб қўйди. У қуёш, ой ва бошқа юлдузларнинг барчаси фалакда - осмонларнинг улардан ҳар бири учун белгилаб қўйилган қаватларида бирон сония тиним билмасдан худди денгиздаги балиқлар янглиғ сузиб юрибдилар. Бас, нега сизлар коинотдаги Яратганнинг тенгсиз Қудратига далолат қилиб турган ушбу оят-аломатлардан ибрат олмайсизлар?!
Ушбу мавзуга доир оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “(У зулматни ёриб) тонгни Чиқаргувчидир. У кечани сакинат-ором қилиб қўйди, қуёш ва ойни эса ҳисоб ўлчови қилди. Бу Кудратли ва Билгувчи Зотнинг ўлчовидир”. (Анъом сураси, 96-оят).
Юқоридаги оятда Ҳақ таоло қаттиқ данакни ёриб дарахт новдасини чиқариши айтилган бўлса, ушбу оят аввалида У Зот тун зулматини ёриб тонгни чиқариши айтилмоқда, яъни, Қодир Оллоҳ қоп-қора зулматга ғарқ бўлган уфқни нур билан ёриб, аста-секин уйқудаги борлиқни уйғотиб, устидан ёпиниб ётган тун кўрпасини оҳиста йиғиштириб, бутун оламни ёритиб юбориши эслатилмоқда.
Аммо саноқли соатлардан кейин жонли-жонсиз барча мавжудот, жумладан одамлар ҳам кундуз шовқини, ундаги ҳаракат ва югур-югурлардан чарчагач, тинчиб, ором олишлари учун Меҳрибонлик билан устларига яна тун кўрпасини ёпиб, уларга сакинат-ором ато этадиган Зот ҳам Қудратли Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Яна У Марҳаматли Зот бандалари ўзларининг тирикчиликларида, деҳқончилик, тижорат ва бошқа иш-амалларида ҳисоб-китобларини аниқ олишлари учун Қуёшни кун ва йилнинг ўлчови, Ойни эса ой ва фаслларнинг ўлчови қилиб қўйди. Агар у иккисини соатлар деб таъбир қилиш жоиз бўлса, бу икки соатнинг Созловчиси беҳад Қудратли ва барча нарсани Билгувчи Оллоҳ субҳонаху ва таоло бўлгани учун у соатлар то Қиёмат бузилмайди, тўхтаб қолмайди.
Кун ва туннинг, Қуёш ва Ойнинг бор мавжудотга ва хусусан инсониятга қилаётган хизматларини, уларнинг ҳаракатлари ўртасидаги ўта нозик ва айни вақтда ўта мукаммал тақдир-ўлчовни ва тартиб-интизомни бутун умри давомида ўз кўзлари билан кўриб турган инсонлар, агар чиндан ҳам инсон бўлсалар, ўша кун ва тунни, Қуёш ва ойни яратган Зотга - Ёлғиз Унинг Ўзига сиғиниб, ибодат қилишлари, тафаккур ва ибрат кўзи билан боқиб, Унинг Қудратига тасаннолар айтишлари, бу Илоҳий Неъматлар учун шукроналар қилишлари лозим эмасми?!
“Кеча ҳам улар учун (Бизнинг қудратимизни кўрсатиб турадиган) бир оятдир: Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан баногоҳулар зулматда қолурлар. Куёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу Кудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири - ўлчовидир”. (Ёсин сураси, 37-38-оятлар).
Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган қуёш то «кун ва ой бирлашиб кетадиган» Қиёмат Куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот - Оллоҳ таолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўя олур.
“Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз”. (Ёсин сураси, 39-оят).
Дарҳақиқат, ой бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар қуёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
“На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур”. (Ёсин сураси, 40-оят).
Яъни, то Қиёмат қойим бўлгунича қуёш ойга ета олмас ва кеча кундузнинг ўрнини эгаллаб ола билмас. Ушбу ояти каримада яна коинотдаги барча катта-кичик сайёралар фазода муаллақ ҳолда сузиб юришлари баён қилингандир. Илм-фанга йигирманчи асрнинг бошларига келибгина маълум бўлган бу ҳақиқатлар ҳақида Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари хабар берган эди. Бунда ақл эгалари учун ибрат бордир.
34. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан аввал ҳам бирон одамга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Бас, агар Сиз ўлсангиз улар аба-дий қолурларми?! (Йўқ, улар ҳам биронталари мангу қолмасдан албатта ўладилар).
Айрим муфассирлар: “Ушбу ояти карима маккалик мушриклар: “(Муҳаммад) бир шоирдир. Бизлар унга замон ҳодисот-балолари (етиши)га кўз тутурмиз”, деганларида нозил бўлди”, деганлар.
Ибн Мунзир Ибн Журайж розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса бундай дейилади: “Қачонки Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга вафот қилишлари ҳақида хабар берилгач, у зот: “Ё Роббим, у ҳолда умматим учун ким қолади?” дедилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ҳақ таолонинг Ҳукми шундай бўлди - бирон инсон бу ҳаёти дунёда мангу яшамайди. На мусулмони ва на кофири. На валийлар, на набийлар ва на расуллар мангудир. Йўқ, барча инсон ўлимга маҳкумдир.
“(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам Соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг Юзи - Ўзигина боқий мангу қо-лур”. (Ар-Раҳмон сураси, 26-27-оятлар).
Демак, энгулуғ Инсон - Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот қилишлари ҳам табиий ҳодиса эди. У зоти бобаракотнинг ўлимларини кутаётган мушриклардан ҳам биронтаси тирик қолгани йўқ.
Байҳақий ва бошқалар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилдилар: “Абу Бакр кирганида Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг энди жонлари узилган эди. Бас, Абу Бакр у зотни ўпди ва: “Эй Пайғамбарим-а, эй Халилим-а, эй қадрдоним-а!” деди, сўнгра: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан аввал ҳам бирон бир одамга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Бас, агар Сиз ўлсангиз улар абадий қолурларми?! (Йўқ, улар ҳам мангу қолмаслар)”.
Уламолардан айримлари ушбу ояти карима Хизр алайҳис-салом ҳам вафот эканига, яъни, ҳозирда ҳаёт эмас эканлигига далилдир, дейдилар.
Қуйидаги оятда ушбу мавзу яна таъкидланади.
35. Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «алдаб» имтиҳон қилурмиз. (Кейин барчаларингиз) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар.
Бу ояти карима “Ҳар бир жон ўлимни тотгувчи” экани ҳақида, коинотда мангу яшайдиган бирон жон йўқлиги ҳақида Оллоҳ таоло томонидан эълон қилинган умумий хабардир. Бошқа бир оятда бу мазмун шундай ифодаланган: “(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам Соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг Юзи - Ўзигина Боқий - мангу қолгур”. (Раҳмон сураси, 26-27-оятлар). Демак, жин ҳам, инс ҳам, малоикалар ҳам - барча барчаси ўлади, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзигина Азалий ва Абадийдир.
Ояти каримада барча инсонлар учун таъзия - таскин бор. Чунки ҳар бир руҳ бадандан ажралур, на Ер устида ва на самода бирон жонзот қолмас - ҳар бири ўлур. Яна ояти каримада баданлар ўлгани билан руҳлари ўлмаслигига далолат бор. Чунки баданга келган ўлимни тотиб кўра олиш учун жон тирик бўлиши керак.
Юқоридаги оят тафсирида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шариф давомида шундай дейилади: “Сўнгра Абу Бакр ташқа-рига, одамлар орасига чиқиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот қилганлари ҳақидаги хабарга ақллари бовар қилмай турган одамларга хутба-маъруза қилди. Унинг хутбасида шундай сўзлар бор эди: “Ким Муҳаммадга ибодат қилган бўлса, Муҳаммад вафот қилди. Ким Оллоҳга ибодат қилган бўлса, ҳеч шак-шубҳа йўқки, Оллоҳ Тирикдир, ҳеч қачон ўлмас”. Сўнгра ушбу оятни ўқиди: “Муҳаммад (алайҳис-салоту вас-салом) фақат бир Элчидир, холос. Ундан илгари ҳам элчилар ўтгандир. Бас, агар у (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизларми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Оллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зиён қилади, холос). Оллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини мукофотлайди”. (Ол-и Имрон сураси, 144-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Ер юзига юборган сўнгги Элчисини исми шарифлари билан атаб, “Муҳаммад (алайҳис-салоту вас-салом) фақат бир Элчидир, холос”, дейди. Яъни, у зоти бобаракот бу дунёга мангу яшаб қолиш учун эмас, (зотан, Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарса мангу эмас), балки Оллоҳ таоло белгилаб қўйган ҳаёт мудда-тини яшаб, зиммаларига юкланган буюк вазифа - элчиликни комил адо қилиб, инсонларга Оллоҳнинг Динини тўла-тўкис ҳолда етказиб, сўнг бу дунёдан Охиратга ўтиб кетиш учун келганларини айтади. У зотдан илгари ҳам Оллоҳнинг элчилари ўтганларини эслатади. Демак, Ҳазрати Му-ҳаммад Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам Оллоҳ таоло белгилаб қўйган ҳаёт муддатлари битгач, вафот қилишлари табиий ҳол экан. Аммо у зот элчи сифатида етказган ва ўзларидан кейин қолдириб кетган буюк Таълимот - Улуғ Қуръон ва Пок Суннат то Қиёматга қадар Ер юзида яшайдиган барча инсонлар учун бирдан-бир Ҳидоят - Тўғри Йўл бўлиб қолади ва иймон келтирган, тақво эгаси бўлган инсонлар бу буюк Неъмат - Ислом неъматидан фойдаланиб, Унинг Кўрсатмаларига амал қилиб ва мана шундай Неъмати Илоҳийяни ато этгани учун Яратганга ҳамду санолар айтиб ўтадилар. Оят сўнггида Ҳақ таоло мана шундай шукр қилгувчиларга улуғ мукофотлар ато этишини зикр қилади.
“Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «алдаб» имтиҳон қилурмиз. (Кейин барчаларингиз) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар”.
Демак, бу ҳаёти дунё тўласича инсонлар учун имтиҳон ва синов экан. Бас, киши бошига тушадиган бало-мусибатлар қандай имтиҳон бўлса, унга бериладиган шодликлар, турли неъматлар ҳам худди шундай имтиҳон эканки, бу имтиҳон ва синовлардан қандай ўта олганимизни барчамиз Қиёмат Кунида, Оллоҳтаоло ҳузурига қайтиб, ҳисоб-китоб қилинганимизда билиб олар эканмиз. Шунингучун ҳам буюк саҳобий амирул-мўминийн Умар розияллоҳу анҳу: “Бизлар балоли кунлар билан имтиҳон қилинганимизда сабру тоқат қилдиг-у, аммо сафоли шодлик кунлари билан имтиҳон қилинганимизда шукри неъмат қилмадик... Кимга дунёсида кенглик бе-рилса-ю, у бу неъматнинг ўзи учун бир алдов-имтиҳон эканини билмаса, у ақлдан озган кимсадир”, деган эди. (“Танвийрул-азҳон” тафсиридан).
36. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қачон кофир бўлган кимсалар Сизни кўрсалар (бир-бирларига кўрсатишиб): «Сизларнинг илоҳларингизни айблайдиган кимса мана шуми?», (дейишиб) масхара қиладилар, холос. Улар Раҳмоннинг - Меҳрибон Оллоҳнинг Эслатмасига - Куръонга кофир бўлган кимсалардир.
Макка зодагонларидан Абу Жаҳл ва у каби бир неча кофир кимсалар қачон Пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларидан ўтиб қолишса, қила-диган ишлари фақат Оллоҳнинг Элчисини масхара қилиш ва: “Мана Абду Маноф авлодидан чиққан “пайғамбар”. Ҳали мана шу сизларнинг илоҳларингизни камситмоқдами?!” деб у зотнинг устларидан кулиш эди. Таажжубки, жаҳолат ботқоғига ботган у нодонлар жонсиз бут-санамларнинг ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган тош-ёғочлар эканини айтган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни айблар эдилар-у, ўзлари бўлса, уларга сон-саноқсиз неъматлар ато этган Меҳрибон Парвардигорга кофир бўлиб ширк келтирганлари қандай мудҳиш жиноят эканлигини хаёлларига ҳам келтирмасдан, У Зот нозил қилган Буюк Эслатма -Қуръонга иймон келтирмасдан юрганларини ҳеч айб деб билмасдилар.
Албатта, Оллоҳ таоло Ўзининг севикли Элчисини масхара қиладиганларни, у зотга тинмай озор-азийятлар берадиганларни қилмишларига яраша жазолади.
Қуртубий, Бағавий ва Ибн Касир тафсирларида зикр қилинишича, ояти каримада айтилган Пайғамбар алайҳис-саломнинг устидан куладиган масхарабозларнинг адади бешта эди: Валид ибн Муғийра, Ос ибн Воил, Ҳорис ибн Қайс, Асвад ибн Мутталиб ва Асвад ибн Яғус исмли Мак-канинг шону шавкатли зодагонларидан бўлган бу кимсалар ҳеч тинмасдан Оллоҳнинг Элчиси устидан масхара қилиб кулишар, у зотга турли лақаблар қўйишиб, ҳали шоир, ҳали коҳин, ҳали мажнун дейишиб ҳақоратлар қилишар эди.
Қачонки мазкур масхарабозларнинг озор-азийятларидан беҳад озур-дадил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларни дуойибад қилганларида, Ҳақ таоло у кимсаларнинг барчасини бир кунда ҳалок қи-либ Ўз Элчисидан уларнинг ёмонликларини бутунлай дафъ қилди.
37. (Ҳақиқатан), инсон шошқалоқ қилиб яратилгандир. (Шунинг учун кофир бўлган кимсалар Оллоҳнинг азобини шоштирмоқдалар). Яқинда Мен сизларга Ўз оят-аломатларимни кўргазурман (яъни, Менга осий бўлган кимсаларни қандай азоблашимни кўрурсизлар). Бас, Мени шоштирмангиз!
“Тафсири Бағавий”да ушбу ояти карима айрим мушрик кимсалар ҳақида нозил қилингани айтилади. Улар доимо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни шоштиришар, ҳатто: “Қани устимизга осмондан тош ёғдиргин-чи”, деб талаб қилишар эди. Бас, Оллоҳтаоло ундай кимсаларга: “Сизлар Мендан ҳали вақти-соати келмаган азобни сўраб шошқалоқлик қилманглар. Яқинда Мен сизларга Ўз оят-аломатларимни, яъни, Менга осий бўлган, Элчимни масхара қилиб кулган кофир кимсаларни қандай азоблашимни кўрсатурман”, деб ушбу оятни нозил қилди ва орадан кўп вақт ўтмасдан, Бадр жангида ҳақиқатан ҳам у мушрикларга Ўзининг азоби қандай бўлишини кўрсатиб қўйди - улардан етмиштасини шармандали ҳалокатга дучор қилди.
Лекин ояти карима фақат ўша мушрик-кофир кимсалар ҳақида эмас, балки умуман инсон зотининг яралишида шошқалоқлик борлиги ҳақида ҳам хабар беради. Бу хусусда бошқа бир оятда ҳам айтилган: “Инсон (Оллоҳ таолодан яхшилик сўраб) дуои хайр қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида ёмонлик тилаб) дуоибад ҳам қилур. Инсон (мана шундай) шошқалоқдир”. (Ал-Исро сураси, 11 -оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсон табиатидаги нуқсонлардан бирини зикр қилади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва бошқалар оят тафсирида: “Мазкур дуойибад айрим кишиларнинг сиқилган ёки ғазабланган пайтларида ўзлари ё яқинлари ҳаққига “Оллоҳим, Ўзинг уни ҳалок қилгин, жувонмарг қилгин”, каби сўзлар билан ижобат бўлишини истамаган ҳолларида дуойибад қилишларидир”, деганлар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Дарҳақиқат, инсон табиатан жуда шошқалоқдир. У ўзи орзу қилган яхшиликларга етиш учун қандай шошқалоқлик қилса, Оллоҳ таолодан ўша яхшиликка дарҳол етказишини сўраб дуолар қилса, баъзан ғазабланганида, сиқилиб кетганида ёки нодонлик қилиб, ўзи ёки ўзгалар учун ёмонлик ҳам шундай тез келишини сўраб дуо қилади, бировларни дуойибад қилиб қарғайди. Агар Оллоҳ таоло инсоннинг бундай дуоларини ҳам дарҳол ижобат қиладиган бўлса, у қарғаган кимса тил тортмасдан ўлиши аниқдир. Аммо бандаларнинг хато ва жиноятларига дарҳол жазо бермасдан, уларга тавба қилишлари учун муҳлат бергувчи Меҳрибон Парвардигор асло шошилмас экан, бугун шошқалоқлик билан айтган сўзларига эртага пушаймон бўлиб, афсус-надоматлар қиладиган кишиларнинг бундай беҳуда сўзлардан тавба қилиб Тўғри Йўлга юришларига имконият берар экан. Шунингдек, иймонсиз, Охиратда ҳисоб-китоб бўлишига ишонмайдиган кимсаларга ҳам улар сўраган азобни дарҳол туширмас-дан, ўзларининг хато йўлларида, куфр ва исёнларида адашиб-улоқиб юраверишларига йўл қўйиб берар экан. Албатта Ҳақ таолонинг бу иши ҳам беҳикмат эмасдир. Чунки эҳтимол, у адашганларнинг ўзлари ёки авлод-зурриётлари келажакда динсизликдан тавба қилиб, Тўғри Йўлдаги инсонлар қаторига кирар. Агар шундай бўлмаса, у ҳолда ўзларидан кўрсинлар - куфр ва исён билан ўтказган кунлари кўпайган сари ундай кимсаларнинг тортадиган азоблари ҳам қаттиқроқ бўлади, аммо улар умрларининг ҳар бир куни ўзларининг зиёнларига ишлаётганидан бехабар ҳолларида ўз туғён ва исёнларида адашиб-улоқиб юраверадилар.
38. Улар (яъни, динсиз кимсалар): «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи) мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?», дерлар.
Яъни, Макка мушриклари ҳам, ҳамма замонлардаги кофирлар ҳам шундай дейдилар. Улар Ҳақ Йўлга - Нажот Йўлига даъват қилган Пайғамбар алайҳис-саломга ва у зотнинг издошлари бўлган мўминларга: “Ҳадеб бизни Оллоҳнинг азоби тушади, деб, Қиёмат келади, деб қўрқитасизлар. Қани агар мана шу сўзларингиз рост бўлса, ўша айтган азобларингиз қачон тушишини, Қиёмат қачон келишини айтиб беринг-чи?” дейдилар. Улар бу сўзларни қачон азоб тушишини, Қиёмат қачон келишини аниқ билиб олиш учун эмас, балки Оллоҳ таолонинг бу ваъдасига ишонмаганликлари учун ва Пайғамбар сололлоху алайҳи ва салламни масхара қилиб кулиш учун айтадилар.
39. Агар кофир бўлган кимсалар на олдиларидан, на орқаларидан (дўзах) ўтини тўса олмай қоладиган ва уларга ёрдам берилмайдиган вақтни (Қиёмат Кунидаги даҳшатларни) билсалар эди, (албатта бу сўзларни айтмаган бўлур эдилар).
Яъни удинсиз кимсаларнинг айтаётган: “Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин”, (Анфол сураси, 32-оят), деган сўзлари, “Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинаётган азоб) қачон бўлади?” дейишлари фақат уларнинг ниҳоят даражада нодон ва ақлсиз бўлганларидандир. Агар у жоҳил кимсалар дўзах азоби нима эканлигини билганларида эди, жаҳаннам ўти ҳамма тарафларидан ўраб олган вақтда ва уларнинг дод-фарёдларига ҳеч ким қулоқ солмайдиган, бирон ёрдам қилмайдиган пайтда не ҳолга тушишларини бир тасаввур қилганларида эди, асло Оллоҳнинг азобини шоштирмаган ва Қиёмат даҳшатлари ҳақида хабар берган Пайғамбарни масхара қилиб кулмаган бўлур эдилар.
Қиёмат Кунида дўзахга ҳукм қилинган кофирлар қандай азобга гирифтор бўлишлари ҳақида мана бу оятда ҳам очиқ айтилган: “Улар учун жаҳаннамдан “тўшак”, устларидан эса (оловдан бўлган) “чойшаблар” бў-лур. Биз золимларни мана шундай жазолагаймиз”. (Аъроф сураси, 41-оят).
Яъни, кофирларнинг мангу “ором олиб” ётадиган “ётоқхоналари” дўзах бўлиб, жаҳаннам оловидан бўлган “тўшаклари” тагларини куйдиради, устларидаги “кўрпалари” ҳам ўша оловдан, ҳар тарафларини ўраб, аъзойи баданларидан бирон жойини қўймасдан қамраб, тинмасдан ловуллаб “иситиб” туради. Бас, уларнинг бутун вужудлари мангу олов ичидадир! Ҳақнинг ҳаққини адо қилмаган, Ҳаққа қуллик қилишдан орланган золимларнинг золимларига ўта муносиб жазо! Ҳақ таоло яна бошқа бир оятида ҳам кофирларнинг оладиган ҳақли жазолари ҳақида беқиёс ўткир киноя билан шундай дейди: “Улар учун устларидан ҳам оловдан бўлган «соябонлар», остларидан ҳам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлур. Бу (бўлажак азоб-уқубат) билан Оллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!” “(Зумар сураси, 16-оят)”.
40. Йўқ, (Қиёмат) тўсатдан келарда, уларни ҳайрону хаста қилиб қўюр, бас, уни қайтаришга ҳам кучлари етмас ва уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам берилмас.
Ҳақ таоло Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат сабабли ана ўша Соатнинг қачон келишини бандалари учун сир қилиб қўйди. Албатта мўминлар Оллоҳтаоло хоҳлаган соатда ўша Соат келишига иймон келтирадилар ва имкониятлари қадар ўша Соатдаги ҳисоб-китоб учун тайёргарлик кўриб, яъни, солиҳ амаллар қилиб, гуноҳлардан четланиб яшайдилар. Кофирлар эса - «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи) ушбу ваъда (қилинган Қиёмат Куни) қачон бўлади?», дерлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «(Қиёмат қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим Ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат бир очиқ огоҳлантиргувчидирман, холос”. (Мулк сураси, 25-26-оятлар).
Дарвоқеъ, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Соати жуда яқин экани ҳақида кўп бор огоҳлантирганлар: Бухорий, Муслим ва Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ўзим билан Соат мана бу иккиси каби бўлганида пайғамбар қилиб юборилдим”, дедилар ва кўрсаткич бармоқлари билан ўрта бармоқларини жуфт қилиб кўрсатдилар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Соатининг қандай келиши ҳамда у Кун келганида одамлар қай ҳолатда қолишлари ҳақида ҳам хабар бердилар: Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “То қуёш кунботар тарафдан чиқмагунича Қиёмат Соати қойим бўлмайди. Бас, қачон қуёш кунботар тарафдан чиққанида уни кўрган барча одам иймон келтиради. Аммо илгари иймон келтирмаган ёки мўмин ҳолда яхши амал қилмаган кимсаларнинг ўша Куни келтирган иймонларининг фойдаси йўқдир.
Қиёмат Соати икки киши ўрталарига газмолларини ёйиб турган ҳолларида уни савдосини битирмасларидан ёки йиғиштириб олишга улгурмасларидан келиб қолади!
Қиёмат Соати қўйини соғиб олган киши ўша сутни ичишга улгурмасидан келиб қолади!
Қиёмат Соати киши ҳовузини суваб унга сув тўлдирган ҳолида ўша сувдан ичишга улгурмасидан келиб қолади!
Қиёмат Соати киши таомини оғзига олиб борган ҳолида уни ейишга улгурмасидан келиб қолади”, дедилар.
Аммо Оллоҳ таолонинг энг суюкли бандаси ва сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам ҳам у Соатнинг қачон келишини аниқ айтмадилар, чунки “(Қиёмат Соати қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим фақатгина Оллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар (буни) билмайдилар”.
Яъни, жуда кўп одамлар Қиёмат Соати қачон қойим бўлиши Оллоҳдан ўзга ҳеч кимга маълум эмаслигини билмайдилар ёки у Соат қачон қойим бўлишини билмаслик бандалар учун яхшилик эканини билмайдилар ёхуд умуман Қиёмат қойим бўлишини билмайдилар - ишонмайдилар.
Ана ўшандай иймонсиз кимсалар ҳеч ким кутмаган-ўйламаган бир пайтда келган Қиёмат даҳшатларини кўрганларида на у Кундан қочиб қутула олурлар, на у Кунда бошларига аниқ тушадиган азобни бирон бир ҳийла билан дафъ қила олурлар ва на ҳаёти дунёда қилган қилмишлари учун тавба-тазарруъ қилиб олгани озгина бўлса-да фурсат ва муҳлатга эга бўлурлар. Ҳолбуки, илгари уларга залолат йўлидан чиқиб Ҳақ Динга киришлари учун, ёмонликлардан тийилиб, тавба қилиб солиҳ амалларга ўтишлари ва мўмин-мусулмонлар сафига қўшилишлари учун жуда узун муҳлат - бутун бир умр берилган эди.
41. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, Сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам масхара қилиб кулинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша масхара - кулгилари ўраб, (домига тортиб) кетган (яъни, ҳалок этган).
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло тарафидан Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин ва тасаллийдир.
Макка мушрикларининг юқоридаги оятларда зикр қилинган турли-туман талаблари фақат Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилиш учун бўлар эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз ватандош ҳамшаҳарларидан - у зотнинг фақат рост сўзлайдиган эканликларини жуда яхши биладиган кимсалардан бундай сўзларни эшитганларида жуда кўнгиллари оғрир эди. Бас, Жаноби ҲақЎз Элчисига қавмларининг бундай беодобликларидан тасаллий бериб ушбу оятларни нозил қилди ва илгари ўтган элчи-пайғамбарларни ҳам Ҳақ Йўлга даъват этганларида қавмлари худди шундай масхара қилганлари, сўнгра ўша масхарабоз қавмларнинг ҳаммаси мана шу дунёнинг ўзидаёқ бу қилмишлари - кофирликларининг жазосини олиб, ҳалок қилинганлари ҳақида хабар берди.
Демак, Оллоҳ таолонинг элчилари устидан кулиб, масхара қилиш қадимий иллатлардан экан. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Биз Сиздан илгари ўтган аввалги (турли-туман) тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар. Шунингдек, уни (яъни, пайғамбарлар устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи - осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз.” (Ҳижр сураси, 10-12-оятлар).
Шунингдек, ушбу оятлар охир-оқибатда Пайғамбар алайҳис-салом ва умматлари ғолиб бўлиши ҳақидаги ҳушхабар ҳамдир. Бу мазмун бошқа оятларда янада очиқроқ баён қилинган: “Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг! Албатта Биз Ўзимиз Сизни масхара қилгувчиларга (яъни, уларни ҳалок этиш учун) кифоя қилгурмиз.” (Ҳижр сураси, 94-95-оятлар).
Дарвоқеъ, орадан ҳеч қанча муддат ўтмасдан Бадр жанггида Оллоҳ таоло Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни масхара қилиб устидан кулган етмиш кофирни, улар орасида Қурайш катталаридан бўлган беш масхарабозни ҳам бир кунда ҳалок қилди.
42. Айтинг: «Кеча ва кундузда сизларни Раҳмон (азобидан) ким сақлай олур?!» Йўқ, улар Парвардигорнинг Эслатмасидан (Қуръондан) юз ўгиргувчилардир.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ўша устингиздан кулиб масхара қилаётган мушрикларга айтинг: “Айтинглар-чи, сизларни кечалари уйқудалик пайтингизда ҳам, кундузлари иш-амалларингиз билан банд бўлган вақтларингизда ҳам агар Меҳрибон Парвардигорингиз устингизга бирон азоб туширишни хоҳласа, ким сизларни у азобдан халос қила олур?!”
Ояти каримада Оллоҳ таолонинг улуғ сифатларидан Раҳмон - Меҳрибон Сифати зикр қилинишида осий-кофир бандаларнинг устига дарҳол азоб туширмаслиги Ҳақ таолонинг Раҳмат-Марҳаматидан эканлигига ишора бордир. У Зот Раҳмони Раҳим бўлгани боис инсонлар ўз хато ва исёнларидан қайтиб Меҳрибон Парвардигорлари буюрган Ҳақ Йўлга кириб олишлари учун вақт-фурсат берар экан. Лекин мушрик-кофир кимсалар инсонлар учун Тўғри Йўлни кўрсатиб бергувчи Буюк Эслатма бўлиб келган Қуръон оятларига қулоқ солмай, ибрат олмай ундай юз ўгириб тескари қараб кетаверадилар.
43. Балки улар учун Биздан ўзга уларни (Бизнинг азобимиздан) ҳимоя қила оладиган “илоҳлар” бордир?! У (“илоҳлар”) ўзларига ёрдам қилишга ҳам қодир эмаслар ва улар Бизнинг томонимиздан ҳимоя ҳам қилинмаслар.
Яъни, ёки у мушрик кимсалар Бизга ибодат қилишдан юз ўгирар эканлар ўзлари тош, ёғоч ва бошқа нарсалардан ясаб олган бутлари уларни Бизнинг азобимиздан ҳимоя қилади деб ҳисоблайдиларми? Ахир у жонсиз бут-санамлар обидларига эмас, ҳатто ўзларига ҳам ҳеч қандай ёрдам қилишга қодир эмасларку! Шунингдек, у сохта илоҳлар Бизнинг томонимиздан ҳам ҳеч қандай ҳимояга, кўллаб кувватлашга эга эмаслар-ку! Бас, мушриклар у бутларнинг нимасига суянмоқдалар-у, улардан қандай мадад-ёрдам кутмоқдалар?! Ахир ўзини ўзи ҳимоя қила олмайдиган нарсадан ҳимоя кутиш ва барча нарсага Қодир Оллоҳдан - Унинг Эслатмаси бўлган Қуръон оятларига қулоқ тутишдан юз ўгириш ақлли киши-ларнинг иши эмаску!
44. Йўқ, Биз у (мушрик)ларни ва уларнинг ота-боболарини (дунё неъматларидан шундай) фойдалантирдикки, ҳатто уларга умр-ҳаёт узун-абадий кўринди (ва улар бир кун келиб бу неъматлар тугашига ишонмай қўйдилар ҳамда Оллоҳнинг азобини ҳам инкор қилдилар). Ахир улар (Макка кофирлари) Биз Ерни атрофидан камайтириб келаётганимизни (тобора кўпроқ кишилар Исломга кириб, куфр дунёси қисқариб бораётганини) кўрмайдиларми?! Ана ўшалар ғолиб бўлурларми?! (Йўқ, улар мағлубдирлар, Оллоҳнинг Динига иймон келтирган зотлар ғолибдирлар).
Яъни, йўқ, у бутпарастларнинг Оллоҳ таоло нозил қилган оятлардан юз ўгиришларига ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг устидан масхара қилиб кулишларига сабаб бўлган нарса улар ушлаган ширк йўли ҳақлиги эмас. Асло ундоқ эмасдир! Балки уларни мағрур қилиб алдаб қўйган нарса, Оллоҳ таоло уларга ва ота-боболарига гарчи залолат йўлида бўлсалар ҳам ҳаёт неъматларини тўкис қилиб беравергани бўлди. Улар учун бу тўкин-сочин ҳаёт шу қадар узоқ давом этдики, ҳатто у жоҳил кимсалар бир кун келиб бу неъматлардан маҳрум бўлишларига ва Оллоҳ таоло юборган Элчига иймон келтирмаганлари учун ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам азоб-уқубатларга гирифтор қилинишларига ишонмай қўйдилар ва “бизлар албатта ғолиб бўламиз”, деб даъво қила бошладилар.
“Ахир улар (Макка кофирлари) Биз Ерни атрофидан камайтириб келаётганимизни (тобора кўпроқ кишилар Исломга кириб, куфр дунёси қисқариб бораётганини) кўрмайдиларми?! Ана ўшалар ғолиб бўлурларми?! (Йўқ, улар мағлубдирлар, Оллоҳнинг Динига иймон келтирган зотлар ғолибдирлар)”.
Аксари муфассирлар ушбу ояти каримада зикр қилинган “Ернинг камайтирилиши”дан мурод, ширк-куфр диёрлари чор-атрофдан фатҳ қилиниб, мусулмонлар қўл остига ўтаётганидир, дейдилар. Чунки Ислом диёрлари кенгайиб борган сайин куфр диёрлари камайиб - йўқолиб бориши аниқдир. Бу Ибн Аббос розияллоху анҳумо, Қатода ва яна бир гуруҳ ула-молар томонидан ривоят қилинган тафсирдир.
Яна бошқа уламолар: “Сўз Ернинг тобора хароб бўлиб бораётгани ҳа-қидадир. Яъни, ояти карима мазмуни: Макка мушриклари Биз Ерни тобора хароб қилиб, ундаги динсиз қавмларни ҳалок қилиб келаётганимизни кўриб-билиб турибдиларку! Нега мана шундай кун уларнинг бошларига ҳам тушиб қолишидан - Биз уларни ҳам ҳалок қилиб юборишимиз мум-кинлигидан қўрқмайдилар”, деганидир”, деб тафсир қилганлар.
45. Айтинг: «Мен сизларни фақат ваҳий билан огоҳлантирмоқ-даман, холос. (Лекин) гунг-соқов махлуқлар (яъни, динсизлар улар учун Охиратда азоб борлиги ҳақида келган ваҳий билан) огоҳлантирилган вақтларида даъватни эшитмайдилар.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчисига шундай амр қилади: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Қиёмат Соати ва у Соатда рўй берадиган воқеалар ҳақида нозил бўлган оятларни тиловат қилиб берганингизда “Бу бир афсонаку!” деб устингиздан куладиган динсиз кимсаларга айтинг: “Мен сизларга етказаётган сўзлар ўзим ўйлаб топган гаплар эмас, балки мен сизларни фақат ва фақат Оллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинган оятлар билан огоҳлантирмоқдаман, холос. Бу менинг зиммамдаги Илоҳий рисолат-вазифадир. Лекин, модомики сизлар ушбу Илоҳий ваҳийга қулоқ солмаётган, қулоқ солсаларингиз ҳам эшитмаётган, эшитаётган бўлсаларингиз ҳам уни англамаётган ва фойдаланмаётган экансизлар, у ҳолда сизларнинг яралишларидан гунг-соқов бўлган ҳайвонлардан қандай фарқингиз бор?! Ахир огоҳлантирилганда эшитмаслик-қўрқмаслик фақат ақлсиз, гунг-соқов ҳайвонларнинг ишику?!”
46. Қасамки, агар уларга Парвардигорингизнинг азобидан андак бир шабада етса, албатта улар: «Эй ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар (ўз жонимизга) жабр қилгувчилар бўлдик», деб қолурлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мушрик-кофир кимсаларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволлари ҳақида хабар беради. Молики ёвмиддийн - жазо Кунининг Эгаси қасам билан таъкидлайдики, ҳаёти дунёдан куфр ва ширк билан ўтган, Қиёмат Куни ҳақида айтиб огоҳлантирган Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб кулган кимсалар у Кунда қайта тирилиб, ҳисоб-китоб учун тўпланганларида уларга Оллоҳ таолонинг азобидан енгил бир шабадаси тегиши биланоқ, бир умр очилмаган кўзлари ярқ этиб очилади ва ўзларининг гумроҳликларини дарҳол бўйинларига олиб: “Эй бизларга ҳалокат бўлгай, дарҳақиқат, биз ширк ва куфр келтириш билан ўз жонимизга жабр қилгувчилардан бўлдик, Ҳақ Оллоҳга ибодат қилиш ва Унинг ҳақ Пайғамбарига итоат этиш ўрнига сохта “илоҳлар”га сиғиниб зулм қилгувчилардан бўлдик”, деб қайта-қайта эътироф қила бошлайдилар. Лекин вақт ўтганидан кейин қилинган бу эътироф ва афсус-надоматларнинг у золимларга ҳеч қандай фойдаси тегмайди.
47. Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғи вазнича (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз.
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: “(Амалларни) тўғри тортишлик ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тарозилари оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир. Кимнинг тарозилари енгил бўлса, бас, улар Бизнинг оятларимизга (кофир бўлиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир”. (Аъроф сураси, 8-9-оятлар).
Ушбу оятларда сўз Қиёмат Кунида барча бандалар сўроқ-савол ва ҳисоб-китоб қилиниб, ҳар бир инсоннинг бутун онгли ҳаёти давомида қилган амаллари адолат тарозисида тортилиши ҳақида боради.
Ҳақ таоло: “(Амалларни) тўғри тортишлик ўша Куни бўлур”, деб хабар беради. Муфассир уламолардан Мужоҳид, Заҳҳок ва Аъмаш: “Ояти каримадаги тарозида тортиш адолат билан ҳукм қилиш деган маънода”, дейдилар.
Аммо аксари уламолар: “Қиёмат Кунида Оллоҳ таолонинг бандалар қилган ҳар бир иш-амални Кўргувчи, Билгувчи ва ёмонликка жазо, яхшиликка мукофот Бергувчи экани очиқ-равшан бўлиши учун ўртага тарози қўйилиб, ҳар бир амал тўғри-аниқ тортилади”, деганлар. Зажжож айтади: “Аҳли суннат вал-жамоат, яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннат ва жамоатларида барқарор бўлган уламолар иттифоқ қилиб айтадиларки, Қиёмат Кунида тарози борлигига, бандаларнинг амаллари унда тортилишига ва у тарозининг тили ҳамда икки палласи борлигига иймон келтириш вожибдир”.
Албатта биз мусулмонлар ғайб оламида - Қиёмат Кунида рўй бериши аниқ бўлган амаллар тарозида тортилиши ҳақидаги бу Илоҳий Хабарга Қуръон ва Ҳадисда қандай ворид бўлса ўша ҳолда иймон келтирамиз ва унинг сурати, кайфияти қандай бўлиши ҳақида баҳс қилмаймиз. Аммо “Амаллар моддий нарсалар эмас-ку, уларни қандай ўлчаб бўлади?” деб бошлари қотадиган кимсаларга эса биз: “Одамлар, масалан, мутлақо моддий бўлмаган иссиқ-совуқни, бадан ҳароратини ўлчайдиган асбобларни кашф қилиб, ишлатиб юришибди-ку, ҳар ишга Қодир Оллоҳ таоло амалларни тортишга ожизми?!”, деймиз.
“Бас, кимнинг тарозилари оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир”.
Ояти каримада ҳар бир одамнинг қилган амали бир тарозида эмас, балки тарозиларда тортилиши айтилди. “Танвийрул-азҳон” тафсирида бу ҳол шундай изоҳланади: “Оятда “тарозилар” деб кўплик вазнида келишига сабаб, у Кунда ҳар бир банда учун бир неча тарози қўйилиб, унинг бадани бошқа тарозида, руҳи бошқа тарозида, ошкор қилган ишлари бошқа тарозида, яширган сирлари бошқа тарозида, ҳатто унинг хулқи бошқа тарозида тортилади. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Тарозига қўйилган ҳеч бир нарса чиройли хулқдан оғирроқ тош босмайди”, деганлар. (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Қиёмат Кунида умматимдан бир киши бутун халойиқ боши устида - кўз ўнгида чақирилади-да, унинг олдига қилган гуноҳлари битилган, ҳар бири кўз илғайдиган масофагача етадиган катта дафтарлардан тўқсон тўққиз дафтар қўйилиб, сўнгра Оллоҳ таоло ундан: “Мана шу дафтарларда битилган гуноҳларингдан биронтасини инкор қила оласанми”, деб сўрайди. У киши: “Ё Роббим, бирортасидан тона олмайман”, дейди. Оллоҳ таоло: “Менинг котибларим бўлган фаришталар сенинг номайи аъмолингга бирон нарса қўшиб, сенга зулм қилибдиларми”, деганида, у: “Йўқ, ё Роббим”, дейди. Оллоҳ таоло: “Сенинг мана шу гуноҳларни қилишда бирон узринг борми, сенинг бирон яхши амалинг ҳам борми”, деб сўраганида ҳалиги киши ўзини йўқотиб: “Йўқ”, дейди. Шунда Оллоҳ таоло: “Ундоқ эмас, Бизнинг ҳузуримизда сенинг ҳасанотларинг - яхши амалларинг ҳам бор, бу Кун сенга зулм қилинмас”, деб унга бир саҳифа кўрсатилади. У Қоғозда ўша банда айтган “Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳ”, калимаси ёзилган эди. Буни кўриб банда: “Ё Роббим, ана у дафтарлар олдида бу бир варақ қоғоз нима қила олади”, деганида, Ҳақ таоло: “Сенга зулм қилинмас”, дейди. Бас, ҳалиги дафтарларнинг ҳаммаси тарозининг бир палласига, бир варақ қоғоз бошқа палласига қўйилганида ана у дафтарлар енгил келиб, бир варақ қоғоз оғир келди. Чунки Оллоҳнинг Исмидан ҳеч нарса оғирроқ эмасдир”. (Тафсири Қуртубийдан).
Субҳоналлоҳ! Демак, Охират тарозисида сўз ҳам тортилар экан!
Калимайи Шаҳодат У Кунда энг оғир тош босадиган сўз экан!
Демак, ҳақиқий марди майдонлар куфр йўлига кирмай, дунёга қул бўлмай тил ва дилларида “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ” Сўзини кўтариб юрган ва қабрларига ҳам мана шу Сўз билан кирган ин-сонлардир. Қушайрий ўз тафсирида зикр қилган мана бу хабарда мўмин-нинг нажотига сабаб бўладиган яна бир сўз ҳақида сўз боради: “Мўминнинг ҳасанотлари - яхши амаллари тарози палласида енгил келиб қолганда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бармоқ учича, яъни, жуда кичкина бир саҳифани чиқариб, тарозининг унинг ҳасанотлари кўйилган ўнг палласига ташлайдилар, бас, ҳасанотлар палласи босиб кетади. Шунда ҳалиги мўмин банда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга: “Ота-онам Сизга фидо бўлсин, юзингиз нақадар гўзал, хулқингиз нақадар гўзал, Сиз ким бўласиз”, деганида у зоти бобаракот: “Мен сенинг Пайғамбаринг Муҳаммаддирман, мана бу саҳифа эса сен менга айтган салавотларингдир”, деб жавоб қиладилар.”
Ҳузайфа розиялоҳу анҳу айтади: “Қиёмат Кунидаги тарозибон Жаброил алайҳис-саломдир. Оллоҳтаоло: “Ё Жаброил, уларнинг амалларини тарозида тортгин-да, ўрталарида бир-бирига ўтиб кетган ҳақларни эгаларига қайтаргин”, деб буюради.
У жойда олтин-кумуш бўлмагани учун агар золимнинг ҳасанотлари бўлса, Жаброил ўша ҳасанотлардан олиб мазлумга беради, агар унинг ҳасанотлари бўлмаса, у ҳолда мазлумнинг гуноҳларидан олиб золимга юклаб қўяди, бас, у кимса елкасига тоғдек гуноҳ тушади”. Яъни, “(Амалларни) тўғри тортиш Ўша Куни бўлур”.
“Саҳиҳайн”да ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, “Қиёмат Кунида барваста семиз бир кимса тарозида тортилади, аммо бир пашшанинг қанотича тош босмайди”. Яъни, У Кунда, у тарозида моддалар эмас, маънолар тош босади. Бас, қалбида иймон бўлмаган кимса жуссаси қанчалар йирик, сурати қанчалар чиройли бўлмасин, Оллоҳ таоло наздида унинг бир пашша қанотича қадри йўқдир. Демак, динсиз кимсалар биринчи навбатда ўз жонларига жабр қилгувчилардир. “Кимнинг тарозилари енгил бўлса, бас, улар Бизнинг оятларимизга (кофир бўлиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир”.
Бу ҳақда бошқа оятларда хам хабар берилган: “Бас, энди (у Кунда) кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўша (киши ҳар бир инсон) рози бўладиган-орзу қиладиган ҳаётда бўлур. Энди кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил келса, унинг жойи «жарлик»дир! Унинг нима эканини қаердан ҳам билар эдинг?! (У) қизиган дўзахдир!”. (Ал-Қориа сураси 6-11-оятлар)”.
48. Қасамки, Биз Мусо ва Ҳорунга (Ҳақ билан ботилни) ажратгувчи (Таврот)ни тақволи кишилар учун зиё ва эслатма бўлган ҳолида ато этдик.
Юқорида, (45-оятда) Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва сал-ламнинг фақат Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ваҳийни етказишлари баён қилингач, энди ушбу ояти каримада бу иш, яъни, Ҳақ таолонинг Ўз элчи-пайғамбарларига ваҳий нозил қилиши Илоҳий суннат эканлиги, Оллоҳнинг барча элчилари ўз қавмларини ана ўша ваҳий Илоҳий ваҳий билан Тўғри Йўлга даъват қилганлари ва шариат аҳкомларини таълим берганлари ҳақида сўз боради. Шунингдек, ушбу оятдан эътиборан Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан аввал ўтган пайғамбарлар ҳақларидаги хабар ва қиссалар бошланади.
Зотан, ўрганаётганимиз ушбу сурайи карима бежиз Анбиё-Пайғамбарлар деб номланмагандир. Албатта, Пайғамбаримиз алайҳис-саломга ўзларининг ўтмишдошлари ҳақларидаги хабарлар ваҳий қилиниши ҳам беҳикмат эмасдир, балки жоҳил ва мушрик араблар томонидан тинимсиз озор-азийятлар чекаётган, масхара ва турли тухматларга дучор бўлаётган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга тасаллий бериш ва зиммаларидаги ниҳоят даражадаги оғир ва шу билан баробар беқиёс шарафли Рисолат - Элчилик вазифасини адо этишларида сабр-тоқат бахш этиш учун Ҳақ таоло у зотга аввал ўтган пайғамбарлар ҳам ўз қавмлари томонидан жуда кўп кулфат ва азийятлар тортганлари ҳақида ҳикоя қилади.
Ушбу ояти каримада Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг улуғ пайғамбарларидан бўлмиш Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ҳақида сўзлаб, уларга Ҳақ билан ноҳақни ажратиб берадиган, жаҳолат зулматларида адашиб ҳалок бўлмасликлари учун ўзининг зиёси билан ҳаёт йўлларини ёритиб турадиган бир Китобни, яъни, Таврот Китобини ато этганини ва у Китоб тақволи кишилар учун улуғ Илоҳий Эслатма бўлганлигини қасам билан таъкидлайди.
Дарҳақиқат, Таврот Оллоҳ таоло томонидан Мусо алайҳис-саломга туширилган ҳолида, унга бани Исроил қавми ўзгартиришлар киритишларидан, у Илоҳий Китобдаги ўзларига ёқмаган айрим оятларни олиб ташлашларидан ва ўзларининг сўзларини “бу ҳам Оллоҳнинг сўзи”, деб у Китобга қўшиб олишларидан илгари худди ояти каримада зикр қилинганидек улуғ сифатларга эга бўлган буюк Эслатма эди ва бу Илоҳий Эслатмадан ояти каримада таъкидланганидек, фақат тақволи кишилар панд-насиҳат олар эдилар. Қуйидаги оятда тақво аҳлининг икки сифати баён қилинади.
49. (Тақволи кишилар) Парвардигорлари (бўлмиш Оллоҳ таоло)дан ғойибда (яъни, Уни кўрмасдан) туриб, қўрқурлар. Улар (доимо Қиёмат қойим бўладиган) Соатдан хавфда тургувчилардир.
Демак, тақвонинг биринчи белгиси - ғойибга иймон келтиришдир. Тақволи инсонлар гарчи бу дунёдаги ҳаётларида Оллоҳ таолони кўришга қодир бўлмасалар-да, Унинг борлигига аниқ ишонадилар ва Унинг азобидан кўрқадилар. Ғайб олами - инсоннингҳис қилиш оламидан ташқарида бўлган нарсалардир. Инсоннинг инсонлиги ҳам ғайбга иймон келтиришидадир. Кўринган кўрқувдан ҳайвон ҳам қочади, масалан, ёниб турган оловга ҳайвонни яқинлаштирсангиз, ўзини олиб қочади, чунки у ўша ўзи кўраётган ёниб турган ўтнинг куйдиришига ишонади. Лекин инсоннинг ҳайвондан фарқи, у гарчи ҳозир кўзи билан кўрмаётган бўлса ҳам дўзах ўтидан сақланиб, дўзахга олиб борадиган ишларни қилмаслигидир. Уламолар ғайб Оллоҳ таолонинг Ўзи ва Оллоҳ таоло инсониятга махфий қилиб қўйган ҳамма нарсалар деб айтадилар.
Тақволи кишиларнинг иккинчи сифатлари, улар доимо Қиёмат Соатидан, унинг даҳшатларидан, у Кунда бўладиган ҳисоб-китоб ва сўроқ-саволлардан қўрқиб турадилар. Ҳаётлари давомида қиладиган ҳар бир ишларида ўша Куннинг ҳисоби ва риояси бўлади, яъни, улар қай бир ишга қўл урмасинлар, аввало “бу ишим учун Қиёмат Кунида Роббим ҳузурида жавоб бера оламанми?” деб мулоҳаза қилиб, сўнгра ўйлаган ишлари яхши, савобли амал бўлса, унга қўл урадилар, акс ҳолда уни тарк этадилар.
50. Ушбу (Қуръон) ҳам (худди Таврот каби) Биз нозил қилган Муборак Эслатмадир. Бас, сизлар уни инкор қилгувчимисизлар?!
Ушбу оятдаги хитоб Макка арабларига қаратилган бўлиб, уни шундай тушунмоқ лозим: бошқа тил, бошқа миллат эгалари Қуръон тилини билмаганлари боис унинг қадри-қимматини тўла англай олмасликлари мумкин. Аммо сизлар ўз тилингизда нозил қилинган, теран маъно-моҳиятидан ташқари балоғат ва фасоҳатга тўлиқ бўлган назминингўзидан Илоҳий мўъжиза экани кўриниб турган Китобни қандай инкор қила оласизлар?!
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг инсонларга нозил қилган сўнгги Китобини “Зикри Муборак”, яъни, “Баракотли Эслатма” эканини айтади. Дарҳақиқат, Қуръони Азим панд-насиҳат олгувчилар учун хайру баракага тўла ва беқиёс манфаатли бўлган Улуғ Эслатмадир. Бас, ушбу табаррук Китобни инкор қилгувчилар шак-шубҳасиз, бахтсиз ва Илоҳий Марҳаматдан маҳрум бўлган кимсалардир.
51. Қасамки, Биз (Мусо ва Ҳорундан) илгари Иброҳимга Ҳақ Йўлини ато этдик. Биз унинг (Ҳақ Йўлга лойиқ эканини) билган эдик.
Ушбу ояти каримадан пайғамбарлар ҳақидаги иккинчи қисса бошланади. Юқоридаги оятларда Мусо, Ҳорун алайҳимас-салом ва Таврот Китоби ҳақида хабар берилгач, энди улардан неча аср илгари ўтган, пайғамбарлар отаси ҳисобланмиш буюк пайғамбар Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом қиссаси баён қилинади.
Уламолар оятдаги “илгари” сўзини икки хил тафсир қиладилар. Улар-нинг айримлари бу сўзни “Мусо ва Ҳорундан илгари” деб тафсир қилган бўлсалар, кўпчилик муфассирлар: “Иброҳим пайғамбар бўлишидан илгари” деб шарҳлайдилар. Ушбу тафсирга кўра Оллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломга хали пайғамбарлик ато этмасиданоқ уни Тўғри Йўлга солиб, Ер-у, кўкдаги айрим белги-аломатлар ҳақида тўғри фикр-мулоҳаза юритишга ва Оллоҳ таолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақлигини англаб етишга муваффақ қилгани маълум бўлади. Ояти кариманинг иккинчи жумласида Ҳақ таоло Иброҳим алайҳис-саломнинг Тўғри Йўлда барқарор пайғамбар бўлишга лойиқ банда эканлиги УнингЎзига рўзи азалдан маълумлигини айтади.
52-53. Эсланг, (Иброҳим) отаси ва қавмига: «Сизлар доимо тики-либ ўтирган бу ҳайкаллар нимадир (яъни, нега жонсиз ҳайкалларга сиғиняпсизлар?!)», деганида; Улар айтдилар: «Бизлар ота-боболаримизни уларга ибодат қилганларини кўрганмиз».
Ушбу ва қуйидаги оятларда мазкур бўлган савол-жавоблар Иброҳим алайҳис-саломнинг ҳақиқатдан ҳам ёш болалик чоғиданоқ Тўғри Йўлда бўлганини кўрсатадиган далиллардандир. Шунинг учун ҳам Ҳақ таоло бандаларини ўша воқеани эслаб, ибрат олишга буюради. Ўшанда ёш Иброҳимнинг тоза табиати отаси Озар ва қавми мубтало бўлган мушрикликни қабул қилмай, улардан: “Нега сизлар эртадан кечгача мана бу, жонсиз ҳайкаллар-га чўқиниб умрларингизни ўтказмоқдасизлар! Уларнинг қандайдир каро-матлари борми? Айтинглар-чи, бу ишларингизнинг тўғри эканлигига бирон ҳужжатларингиз борми ўзи?” деб сўраганида, улар қилаётган ишларининг ҳақлигига албатта ҳеч қандай ҳужжат кўрсата олмайдилар ва бу ишни зарур деб ҳам билмайдилар, балки у жоҳил қавмнинг жавоби: “Ахир ота-боболаримизнинг барчалари мана шу бут-ҳайкалларга сиғиниб келганларини кўрганмизку, шунингўзи етарли далил эмасми?!” дейишлари бўлди. Албатта, Иброҳим алайҳис-саломга у ҳайкалларнинг оддий тош ва ёғочлардан ясалгани жуда яхши маълум эди, чунки унинг отаси Озар ёғочдан бутлар ясайдиган уста эди. Демак, у фақат қавмининг кўзлари очилармикан деб юқоридаги саволларни берган эди. Қачонки уларнинг берган жавобларини, яъни, улар ота-боболарига кўр-кўрона тақлид қилаётганларини эшитгач, ниҳоят даражада ҳафсаласи пир бўлди ва у жоҳил қавмга қараб -
54. Деди: «Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар».
Яъни, Иброҳим алайҳис-салом деди: “Аниқки, ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ёки зиён етказа олмайдиган ва ҳеч нарсани билмайдиган жонсиз тош-ёғочларга асрлар давомида сиғиниб келган ота-боболарингиз ҳам, уларга кўр-кўрона тақлид қилиб эргашаётган сизлар ҳам адашиб қолибсизлар. Саноқларингизнинг кўплиги ва бу бутпарастлик аждодларингиздан авлодларингизга ўтиб келаётгани сизларнинг йўлларингиз ҳақ эканлигини кўрсатмайди, чунки ноҳақ ишни қиладиганларнинг саноқлари кўп бўлиши билан у ҳаққа айланиб қолмайди”.
55. Улар айтдилар: «Бизларга келтирган - айтган (бу сўзларинг) чинми ёки сен ҳазил қилгувчиларданмисан?»
Яъни, қавм ўзларининг ораларида туғилиб ўсиб келаётган бир ёшгина боладан - Иброҳимдан бу сўзларни эшитиб, ҳайрон бўлиб қолдилар. Чунки Иброҳим алайҳис-салом уларнинг қон-қонларига сингиб кетган, асрлар давомида ҳамма одамлар ибодат деб қилиб келган диний урф-одатларини бир сўзи билан йўққа чиқармоқда эди. Шунинг учун ўзларининг залолатда эканликларига ҳеч ақллари бовар қилмай ва уларга қараб айтилган: “Сизларнинг ҳаммаларингиз адашгансизлар”, деган сўздан тааж-жубга тушиб: “Эй, сен бизларга жиддий, рост сўзларни айтмоқдамисан ёки биз билан бир ҳазиллашгинг келдими? Ахир биз сендан аввал бирон кимсадан бундай сўзни эшитмаган эдик-ку?” дедилар. Шунда -
56. (Иброҳим) деди: «Йўқ, (мен асло ҳазиллашаётганим йўқ. Ҳақиқат шуки), сизларнинг Парвардигорингиз (мана бу ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бутлар эмас, балки) осмонлар ва Ернинг Парвардигоридир. Уларни У Зотнинг Ўзи яратгандир. Ва мен бунга гувоҳлик бергувчилардандирман”.
Яъни, Иброҳим алайҳис-салом қавмнинг саволларига жавобан айтдики, “йўқ, мен сизлар билан ҳазиллашаётганим йўқ. Билингларки, мана бу ўзларингиз ясаб олган бутларингиз сизлар ибодат қилишингизга лойиқ бўлган Роббиларингиз эмасдир. Балки сизларнинг Роббингиз етти қават осмон ва етти қат Ерни ҳамда уларда мавжуд бўлган барча катта-ю кичик, жонли-ю жонсиз нарсаларни, жумладан, сизларни ва сизлар сиғинаётган мана бу бутларингизни ҳам Ижодкори бўлган, яъни, борлиқдаги ҳамма нарсани бирон бир андозага қарамасдан, бирон бир кимсадан ўрганмасдан Ўз Қудрати билан йўқдан бор қилган Зотдир. Чунки Ёлғиз Яратувчининг Ўзигина барча оламнинг Эгаси - Парвардигоридир. Мен гувоҳлик бераманки, Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир. Сизлар бўлса, ҳеч нарса яратмаган, балки ўзлари ҳақир махлуқ бўлган, сизларни кўрмайдиган, дуо-илтижоларингизни эшитмайдиган бутларингизга чўқинмоқдасизлар!”
57-58. “Оллоҳга қасамки, сизлар (ҳайитгоҳларингизга) жўнаб кетганларингиздан кейин бутларингизга қарши албатта бир ҳийла ўйлаб топурман”. Бас, у (бутларни) парча-парча қилиб ташлади. Фақат, “Шояд (мушриклар у бутларнинг) каттасига қайтсалар”, (деб ўшанигина қолдирди ва қўлидаги болтани унинг бўйнига илиб қўйди).
“Тафсири Бағавий”да ушбу оятлар тафсирида Суддий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, у мушрик қавмнинг ҳар йили бир марта нишонлайдиган ҳайит байрамлари бўлиб, улар ҳайитгоҳларидан қайтишларида етмишта бут қатор тизиб қўйилган бутхоналарига кириб, уларга сажда қилишгач, уй-уйларига тарқалар эдилар. Бас, қачонки ўша ҳайит куни етиб келганида Иброҳимнинг отаси Озар “Зора худоларимиз ҳақидаги хато фикрлари ўзгарса”, деб унга: “Эй Иброҳим, сен ҳам бизлар билан бирга ҳайитгоҳимизга чиқсанг, албатта динимиз сенга ёқиб қолади”, деди ва уни ҳам ўзлари билан олиб кетишди. Ярим йўлга етганларида Иброҳим ўзини ерга ташлаб: “Тобим қочди, оёғим оғриб қолди”, деб ўтириб олди. Қавм эса тўхтамасдан йўлида давом этди. Уларнинг охирги қаторларида кетаётган қариқартанг ва чўлоқ-оқсоқлари ҳам ўтиб борар эканлар, ортда қолаётган Иброҳим алайҳис-саломнинг: “Оллоҳга қасамки, сизлар (ҳайитгоҳларингизга) жўнаб кетганларингиздан кейин бутларингизга қарши албатта бир ҳийла ўйлаб топурман”, деяётганини эшитдилар. Сўнгра Иброҳим алайҳис-салом бутлар ўрнатиб қўйилган ҳашаматли қасрга қайтиб борди. Бутхона тўрида жуда катта бир бут ҳайкали кириладиган дарвозага қаратиб ўрнатилган, унинг икки ёнига бир оз кичикроқ бутлар, улардан қуйироқда яна кичикроқлари қўйилган бўлиб, шу тариқа то бутхона дарвозасигача етмиш икки бут ўрнатиб қўйилган эди. Уларнинг айримлари олтиндан, айримлари кумушдан, баъзилари темир, мис, тош ва ёғочлардан ясалган, энг катта бутнинг кўзларига эса, кеча-кундуз ёниб турадиган икки ёқут ўрнатилган бўлиб, гўё у бутхона дарвозасидан кириб келган ҳар бир одамга қараб турар эди. Мушриклар ҳар бир бутнинг олдига турли таомлар қўйишиб: “Ҳайитгоҳдан қайтгунимизча илоҳларимиз таомларимизни табаррук қилиб беришсин, кейин бизлар еймиз”, дейишиб байрамларига кетишган эди. Қачонки Иброҳим бутхонага кириб келиб, бутларни ва жонсиз ҳайкалларнинг олдиларига тузаб қўйилган турли таомларни кўргач, уларга қараб истеҳзо билан: “Қани, олдила-рингиздаги таомлардан емайсизларми?” деди. Бутлардан садо чиқмагач, “Сизларга нима бўлди, емаяпсизлар?” деди. Бутлардан садо чиқмагач, “Сизларга нима бўлди, сўзламаяпсизлар?” деди-да, қўлидаги болта билан уларни бир четдан урибсиндира бошлади ва қачонки энг катта бутга навбат келганида, унга тегмади-да, кўлидаги болтани ўша бутнинг бўйнига илиб қўйиб бутхонадан чиқиб кетди. Иброҳим алйҳис-саломнинг хаёлида “Мушриклар ҳайитгоҳларидан қайтиб келганларида бутларнинг синдириб ташланганликларини кўришгач, шояд ўша энг катта бутларига мурожаат қилишиб, ундан бу ишни ким қилганини айтиб беришини сўрашар”, деган ўй бўлгани учун унга тегмаган эди. Дарҳақиқат, ҳайитгоҳ-дан қайтибоқ тўғри бутхоналарига кирган қавм бутларининг аҳволини кўришгач, жазавага тушиб -
59. «Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз, у ўз жонига жабр қилгувчилардандир», дедилар.
Яъни, у бутпарастлар қаҳр-ғазабга тўлган ҳолларида: “Ким экан ўша, бизнинг бутларимизни йиқитиб-синдириб ҳақорат қилган?! Ким бўлса ҳам, илоҳларимизга қўл кўтаргани учун албатта оғир азоб-уқубатга дучор қилинади! Шак-шубҳасиз, у ўзининг жонига жабр қилибди!” деб дағдаға қилдилар. Шунда бутпарастлардан Иброҳим алайҳис-саломнинг: “Оллоҳга қасамки, сизлар (ҳайитгоҳларингизга) жўнаб кетганларингиздан кейин бутларингизга қарши албатта бир ҳийла ўйлаб топурман”, деган сўзларини эшитиб қолган кимсалар -
60. Айтдилар: “Биз бир йигитнинг (Худоларимизни) айблаётганини эшитгандик, уни Иброҳим дейиларди”.
Яъни, улар: “Биз илоҳларимиз ҳақида нораво сўзлар сўзлаб юрадиган бир йигитни эшитгандик. Унинг отини Иброҳим дейишар эди. Бизнинг гумонимизча бу ишни ана ўша йигит қилган бўлса керак”, дедилар. Бас, бу сўз мамлакат подшоҳи золим Намруд ва қавм зодагонлари қулоғига етиб боргач -
61. Улар: “Бас, уни одамлар кўз ўнгларида олиб келингиз! Токи улар ҳам гувоҳ бўлсинлар”, дейишди.
Намруд ва қавм катталарининг: “Иброҳимни одамларга кўрсатиб, очиқ-ошкора олиб келинглар, ҳамма бу воқеага гувоҳ бўлсин”, деган сўзларидан кўзлаган мақсадлари, Иброҳимнинг оладиган жазоси бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши учун эди. Токи бундан кейин ҳеч ким бутларга қўл кўтаришга журъат қила олмасин, деб золим подшоҳ ва унинг аъёнлари бу ишни ҳамма кўришини истаган эдилар. Шуниннгдек, улар ҳамма одамларнинг гувоҳлигида Иброҳимнинг гуноҳини бўйнига қўймоқчи ва ўзларининг нақадар адолатли ҳукмдор эканликларини ҳамма одамларга кўрсатиб мақтанмоқчи бўлган эдилар. Лекин Оллоҳ таолонинг Буюк Ҳик-матини кўрингки, мана шу можаро қавмдаги ҳамма одамларнинг гувоҳлигида бўлишини Иброҳим алайҳис-салом ҳам истар эди. Токи барча халойиқ жамланган жойда уларнинг нақадар жоҳил ва нодон қавм эканликларини, яъни, обидларига ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто ўзларини ҳам ҳеч кимдан ҳимоя қила олмайдиган жонсиз бутларга дуо-илтижо қилиб сиғиниб юришлари қанчалар катта нодонлик, ақлсизлик эканини исботлаб бериши учун Иброҳим алайҳис-салом ҳам бу можарони ҳамманинг кўз ўнгида бўлишини истар эди.
Шундай қилиб -
62-63. (Иброҳимни олиб келишгач, ҳамманинг кўз ўнгида ундан): «Бизнинг илоҳларимизни сен шу (ҳолга) солдингми, эй Иброҳим?», деб сўраган эдилар, у айтди: «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси - мана бу (ҳайкал) қилди. Бас, (бутларингиздан) сўранглар, агар гапира оладиган бўлсалар (айтиб берсинлар)».
Яъни, қачонки Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом уларнинг олдида ҳозир бўлгач, подшоҳ Намруд ва унинг аъёнлари ҳаммманинг гувоҳлигида унинг айбини бўйнига кўйиш учун: “Эй Иброҳим, бизнинг илоҳларимизни сен синдирдингми?” деб сўрашган эди, у: “Йўқ, бу ишни уларнинг энг каттаси - мана бу болта ушлаб турган ҳайкал қилди, сабаби, одамлар худди унга сиғинганлари каби ана у майда ҳайкалчаларга ҳам сиғинаётганларидан ғазабланган эди. Агар сизлар, бу сўзларимга ишонмайдиган бўлсангизлар, ўзингиз анави пачоқланган ҳайкаллардан сўраб кўринглар, агар сўзлай олсалар, менинг сўзларимни тасдиқлайдилар”, деб жавоб қилди.
Тафсир китобларида айтилишича, Иброҳим алайҳис-саломнинг бу сўзларни айтишдан мақсади, у мушрик қавм: “Илоҳларимиз сўзлай олмайдиларку, ана у катта илоҳимиз ҳам қўйилган жойидан қимирлай олмайдику, бас, у қандай қилиб кичик илоҳларимизни уриб-синдиради?!” дейишлари эди. Шунда у: “Бас, бу ҳолда, сизлар нима учун қимирлай олмайдиган, сўз-лай олмайдиган ва ўзларини ҳимоя қила олмайдиган бу ҳайкалларга сиғиниб, улардан ҳожатларингизни сўрайсизлар?!” демоқчи бўлган эди.
Имом Бухорий, Муслим ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Иброҳим пайғамбар ҳеч ёлғон сўзлаган эмас, магар уч жойда - бири мушрикларнинг байрамларига бормаслик учун: “Мен касалман”, деб, яна бири, аёли Сорани золим подшоҳдан ҳимоя қилиш учун: “У менинг синглим бўлади”, деб, яна бир марта: “Йўқ, бу ишни бутларнинг каттаси қилди”, деб сўзлаган” дедилар.
Иброҳим алайҳис-саломнинг нима сабабдан “Мен касалман”, дегани ва бутларни ўзи уриб синдиргани ҳолда қавмига: “бу ишни бутларнинг каттаси қилди”, деб жавоб бергани ўрганаётганимиз ушбу оятлар тафсиридан маълум бўлди. Аёли Сора ҳақида айтган сўзи бўлса, “Танвийрул-азҳон” тафсирида шундай шарҳланади: “Иброҳим алайҳис-салом Урдун мамлакатига борганида у жойда бир золим подшоҳ ҳукмдор эди. Иброҳимнинг ҳамроҳи хотини Сора бўлиб, у бениҳоя гўзал аёл эди. Бас, у Сорага “Мана бу золим подшоҳ агар сен менинг хотиним эканингни билса, сени мендан тортиб олиб қўяди, мен сени ҳимоя қила олмай қоламан. Шунинг учун сен у сўраганида “Иброҳимнинг синглиси бўламан”, деб айтгин. Чунки мен бу ерда сен билан ўзимдан бошқа бирон мусулмон борли-гини билмайман”, деди. Бас, қачонки улар ўша золимнинг мамлакатига кирганларида унинг одамларидан бири Сорани кўриб қолади ва дарҳол подшоҳ хузурига бориб: “Сенинг ерингга шундай гўзал бир аёл қадам ранжида қилдики, у фақат сенга муносиб аёл экан”, деб хабар берди ва ўша заҳоти золим подшоҳ юборган югурдаклар Сорани ушлаб саройга олиб кетдилар. Иброҳим алайҳис-салом бўлса, Оллоҳтаолодан нажот беришини сўраб дуо-илтижо қилганича қолаверди. Қачонки шоҳ Сорани кўриши билан унга ошиқу беқарор бўлиб, қўл чўзган эди, шу онда Оллоҳ таоло унинг қўлини қуритиб - шол қилиб қўйди. Бу ҳолдан даҳшатга тушган подшоҳ Сорага: “Оллоҳга дуо қил, агар у менинг қўлимни бўшатиб юборса, мен сенга бирон зиён етказмайман - қайта қўл текизмайман”, деди. Сора дуо қилган эди, шоҳнинг кўли яна ўз ҳолига қайтди ва у ўша заҳоти Сорани саройга олиб келган югурдагига: “Уни менинг еримдан соғ-омон чиқариб юборгин”, деб буюрди ва Сорага Ҳожар исмли бир жория ҳадя қилди. У ҳам гўзалликда Сорадан қолишмас эди. Кейин Сора Ҳожарни Иброҳим алайҳис-саломга чўри қилиб берган эди, вақт замон ўтиб, Ҳожар Иброҳим алайҳис-саломдан фарзанд кўрди. У Исмоил алайҳис-салом эди”.
64. Бас, (мушриклар) ўзларига келиб, (бир-бирларига): «Дарҳақи-қат, сизларнинг ўзингиз ўз жонларингизга жабр қилгувчиларсиз», дедилар.
Яъни, Иброҳим алайҳис-саломнинг бу сўзларини эшитганларидан кейин мушриклар ўзларига келиб, гўё кўзлари очилгандек бўлди ва: “Дарҳақиқат, илоҳларингизни айблаб юрадиган мана бу Иброҳим эмас, балки ўзларидан бирон зиённи дафъ қила билмайдиган ва уларни уриб синдирган кимсага бирон зиён етказа олмайдиган жонсиз ҳайкалларга сиғиниб “мана шулар бизнинг илоҳларимиз”, деб юрган сизларнинг ўзларингиз ўз жонларингизга жабр қилгувчисизлар. Ахир қандай қилиб шу ҳайкаллар маъбуд бўла олсинлар?!” деб бир-бирларини маломат қила бошладилар.
65. Сўнгра эса яна бошлари пастга тушиб, (оёқлари осмондан келиб): «Сен уларнинг гапирмасликларини яхши билардинг-ку?!», де-йишди.
Яъни, мушрик қавм Иброҳим алайҳис-салом айтган сўзларни эшитганларидан кейин дастлаб Оллоҳ таоло уларнинг тилларига ҳақни жорий қилиб, юқоридаги оятда хабар берилганидек, ўзларининг жонсиз ҳайкалларга сиғиниш билан ўз жонларига жабр қилгувчи бўлганларини эътироф этишди-ю, сўнгра бадбахтликлари устун келиб яна куфрга қайтдилар ва ҳозиргина Иброҳим алайҳис-саломнинг сўзларини тасдиқлаб турган кимсалар бир зумда тўнларини тескари кийиб: “Сен илоҳларимизнинг сўзлай олмасликларини жуда яхши билиб туриб нега бизга “улардан сўранглар”, дейсан, биз улардан нега сўрар эканмиз”, деб унга дафъ қила бошладилар.
Ҳақ таоло ояти каримада кофирларнинг Ҳақдан ботилга қайтиб кета-веришларини жуда ёдда қоларли қилиб, уларнинг бошлари пастда - ерда-ю, оёқлари осмонда бўлиб қолди, деб таърифлайди. Дарҳақиқат, кимнинг боши агар ўз ўрнида бўлмасдан оёқнинг ўрнига тушиб қоладиган бўлса, у кимса ҳамма нарсани тескари кўрадиган, яъни, ҳақни ноҳақ, ноҳақни ҳақ дейдиган бўлиб қолиши аниқдирки, Намруд қавми худди шундай ҳолга тушиб қолган эдилар.
66-67. (Иброҳим) айтди: «Ахир сизлар Оллоҳни қўйиб, сизга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган (ҳатто сўзлай олмайдиган) нарсаларга сиғинаверасизларми?! Сизларга хдм, Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам туф! Ахир ақл юргизмайсизлар-ми?!».
Яъни, Иброҳим алайҳис-салом бу жоҳил қавмнинг - сиғинаётган “илоҳлари” ҳатто сўзлай олмайдиган кесактош эканликларини билиб туриб, “нега биз бу жонсиз ҳайкалларга сиғинмоқдамиз?” дейиш ўрнига унга “нега сен илоҳларимизни сўзлай олмасликларини билиб туриб бизга “улардан сўранглар”, дейсан?!” деб жанжал қилаётганларини кўриб ниҳоят даражада юраги сиқилди ва уларга қараб: “Эй қавмим, наҳотки сизлар шу қадар ақл-ҳушларингиздан бегона бўлиб қолдингизлар?! Наҳотки сизлар ҳамма нарса Қўлида бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога ибодат қилиш ўрнига сизларга ҳеч қандай фойда ёки зиён етказа олмайдиган, сизларни кўрмайдиган, сўзларингизни эшитмайдиган, ўзлари сўзлай олмайдиган мана бу жонсиз бутларга сиғиниб, дуо-илтижо қилиб юраверсангизлар?! Мана шу ишларингиз ақлли инсонлар қиладиган ишми?! Ақлларингизни ишлатмайсизларми?! Билиб қўйинглар, мен сизлардан ҳам, сизлар Оллоҳ таолога ибодат қилмасдан сиғинаётган мана бу бутларингиздан ҳам жирканаман. Туф сизларга!” деди.
Шунда Иброҳим алайҳис-саломнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган подшоҳ Намруд бошчилигидаги мушриклар -
68-69. «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу иш билан) ўз илоҳларингизга ёрдам қилинглар», дедилар. Биз айтдик: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!»
Яъни, золим подшоҳ Намруд бошлиқ мушриклар бир-бирларига: “Агар синдирилган илоҳларингиз учун интиқом олмоқчи, уларга ёрдам бермоқчи бўлсангизлар, Иброҳим илоҳларингизни ҳақорат қилгани ва уларни уриб-синдирганининг жазосига уни ёқиб юборинглар”, дедилар. Зотан, барча замонлардаги золим подшоҳларнинг қўлларидан келадиган иш шудир. Уларнинг сўзлари хато, йўллари нотўғри экани исботлаб берилса, раҳмат айтиб ўзларини ўнглаб олиш ўрнига зулм-зўравонлик қилишга ўтадилар. Шундай қилиб мушрик қавмнинг ҳаммаси Иброҳим алайҳис-саломни оловда куйдириб ўлдиришга иттифоқ қилдилар. Чунки бундан қаттиқроқ азоб-уқубат йўқлигини яхши билар эдилар. Улар аввало Иброҳимни (ўшанда у ўн олти яшар йигитча эди) баландлиги олтмиш газ (тахминан қирқ икки метр) бўлган девор билан ўралган қамоқхонага қамаб қўйдилар. Сўнгра уни ёқиш учун ҳаммалари ўтин жамлай бошладилар. Чунки уларнинг барчалари синдирилган “илоҳлари” учун Иброҳимдан ўч олишга иштирок этиб, “савоб”га эга бўлмоқчи эдилар. Ҳатто ўлим тўшаги-да ётган кимса ҳам ўзининг номидан ўтин сотиб олиб, Иброҳимни ёқиш учун тўпланаётган ғарамга олиб бориб қўшишларини васият қилар эди. Агар бирон аёл касал бўлиб қолса, “илоҳларим менга шифо берсалар, албатта Иброҳим учун ўтин тўплайман”, деб назр қилар эди. Шундай қилиб, бир ой давомида жуда баланд ўтин ғарами тўплангач, уни тинмасдан етти кеча-кундуз ёқдилар. Гуриллаб ёнган оловнинг иссиғи шу қадар баланд эдики, осмони фалакда учиб юрган қуш унинг устидан ўтса, қанотлари куйиб, ёниб кетар эди. Шундан кейин у золимлар яқинига йўлаб бўлмайдиган бу оловга Иброҳимни қандай қилиб ташлашни билмай бошлари қотди. Шунда иблис алайҳил-лаънаҳ кекса бир нажжор-дурадгор суратида келиб уларнинг мушкилларини осон қилди - уларга манжаниқ (тош отадиган қурол) ясаб берди. Мушриклар манжаниқни баланд бир тепалик устига олиб чиқиб ўрнатдилар, сўнгра кишанланган-боғланган Иброҳимни олиб келиб унга қўйдилар. Бу мудҳиш ҳолни кўриб осмон, Ер, малоикалар, яъни, инсу-жиндан бўлак барча махлуқот фарёд солиб йиғладиларки, “Ё Парвардигоро, Халилинг Иброҳим оловга отилмоқда, ҳолбуки, бу кунда Сенинг Ерингда ундан ўзга Сенга ибодат қиладиган бирон кимса йўқку! Бас, Сен бизларга изн бергин, унга ёрдам қилайлик”. Оллоҳ азза ва жалла айтди: “Албатта у Менинг Халилим, Менинг ундан ўзга Халилим йўқ ва Мен унинг Ёлғиз Илоҳиман, унинг учун Мендан ўзга илоҳ йўқдир. Бас, агар у сизлардан ёрдам сўрайдиган бўлса, ким бўлса ҳам унга ёрдам қилсин, Мен бунга изн берурман. Аммо агар унинг ўзи Мендан ўзгадан ёрдам сўрамайдиган бўлса, у ҳолда уни Менинг Ўзимга қўйиб беринглар, Мен унинг Дўстиман, бас, уни яхшироқ Билгувчиман”. Бас, қачонки Иброҳимни оловга отмоқчи бўлганларида, унинг олдига сувнинг хазинабони бўлган малак келди-да, “Эй Иброҳим, агар хоҳласанг мен у оловни бир зумда ўчирурман”, деди, шамоллар хазинабони бўлган малак келиб: “Агар хоҳласанг, оловни бир лаҳзада ҳавога учирурман”, деди. Шунда Иброҳим айтди: “Менинг сизларга ҳожатим йўқ. Менга ОллоҳнингЎзи Етарлидир,У зот энг яхши ишончли Вакилдир”. (Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривояти).
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Иброҳим, мушриклар уни оловга отиш учун боғлаб манжаниққа қўйган пайтларида Оллоҳтаолага илтижо қилди: “Эй Пок Парвардигор, ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ўзинг Бордирсан, барча оламларнинг Эгаси Ўзингдирсан, ҳамду сано Сеникидир, мулку давлат Сеникидир, Сенга бирон шерик йўқдир”. Сўнгра уни манжаниқдан оловга отдилар ва ўша лаҳзада ҳавода унинг ёнига Жаброил алайҳис-салом келиб: “Эй Иброҳим, менга бирон ҳожатинг борми?” деган эди, у: “Сенга (яъни, Оллоҳцан ўзга бирон кимсага) ҳожатим йўқ”, деб жавоб берди. Шунда Жаброил: “У ҳолда Парвардигорингдан сўрагин”, деган эди, Иброҳим: “Парвардигорим Ўзи аҳволимдан етарли Огоҳдир”, деди. Шу онда Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло: “Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!” деб амр қилди-ю, ўша заҳоти гуриллаб ёнаётган оловнинг ёруғи қолди ва иссиғи йўқолди. Унинг тафтидан Иброҳимнинг боғланган арқони ёниб битди-ю, унингўзига бирон зиён етмади.
Суддий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бас, малоикалар Иброҳимнинг икки қўлтиғидан ушлаб оҳиста Ерга тушириб ўтқизиб қўйдилар”. Иброҳим ўша жойда - олов устида етти кун қолди. У айтди: “Мен ўша олов устида ўтказган кунларимдан неъматлироқ бўлган кунни билмайман”. Чунки Меҳрибон Оллоҳ у оловни Иброҳим учун гулбоғга айлантириб қўйган ва борлиқдаги жамийки нарсага соя солгувчи соя фариштасини айни Иброҳимнинг суратига киритиб, унга ошно қилиб қўйган эди. Шунда Жаброил алайҳис-салом кўкдан тушиб айтди: “Эй Иброҳим, Роббинг Оллоҳтаоло: “Олов Менинг севикли бандаларимга зиён етказа олмаслигини билмаганмидинг?” демоқда”.
Иброҳим алайҳис-саломни оловда куйдириб, кулини кўкка совурмоқчи бўлган Намруд ўзининг осмонўпар қасридан кузатиб турар экан, гуриллаб ёнаётган бениҳоя катта ўтин ғарамининг ўртасида бир гулзор пайдо бўлганини ва Иброҳим у гулзорда худди ўзига ўхшаган хушсурат бир йигит билан ҳамсуҳбат бўлиб ўтирганини кўрди-ю, лол қолиб: “Эй Иброҳим, ҳақиқатан ҳам сенинг Роббинг жуда зўр экан. Қасам ичиб айтаманки, мен унинг учун тўрт миннг сигирни қурбонлик қилиб сўяман”, деди ва шундан кейин қайтиб Иброҳим алайҳис-саломга қаршилик қилишга журъат эта олмади. (“Тафсири Куртубий”, “Тафсири Бағавий”, “Танвирул-азҳон”ва бошқа тафсир китобларидан таржима қилинди).
70. Улар (Иброҳимга) бир макр қилмоқчи бўлдилар (яъни, уни ёндириб юбормоқчи бўлдилар). Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик.
Яъни, подшоҳ Намруд бошлиқ жамийки мушрик-кофир кимсалар Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилишга чақираётган Иброҳим алайҳис-саломга зиён етказиш учун қўлларидан келган бор макр-ҳийлаларини қилдилар, лекин Оллоҳ таоло уларни энг катта зиёнга дучор қилди. Уларнинг Ҳақ нурини ўчириб йўқ қилиш учун қилган бор саъй-ҳаракатлари ўзларининг зиёнларига ишлаб, охир-оқибатда Иброҳим алайҳис-салом Ҳақ Йўлда эканлигини кўрсатадиган ҳеч инкор этиб бўлмайдиган Ҳужжатга айла-ниб қолди ва улар шармандайи шармисор бўлиб, Ҳақ таолонинг азобига гирифтор қилиндилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Оллоҳ таоло у золим қавмга Ўзининг энг заиф махлуқини - чивинларни ҳукмрон қилиб юбордики, Намруд кўзини очиб-юмгунича чивинлар у қавмнинг қонларини сўриб, гўштларини нимта-нимта қилиб, суякларини кўрсатиб кўйди ва ана ўша чивинлардан биттаси илоҳликни даъво қиладиган Намруднинг бурнига кириб олди-да, йўлидаги бор нарсани еб битириб, миясигача етиб борди ва ўша жойга жойлашиб олиб ўзининг нағмасини бошлади. Миянинг ичидаги чивиннинг ғўнғиллаши у золим подшоҳга шу қадар қаттиқ озоб берар эди-ки, у бошини муштлаб деворларга урар, аммо оғриқ заррача камаймас эди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, ким Намруднинг бошига темир гурзи билан урса, ўша унинг учун энг суюкли кишига айланар эди. Бас, Оллоҳ таоло у золимни оз эмас, кўп эмас, роса тўрт юз йил мобайнида мана шу азоб билан азоблаб сўнгра абадий азобга равона қилди”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
71. Ва Биз (Иброҳимга) ҳамда Лутга (Намруднинг зулмидан) нажот бериб, (уларни) Ўзимиз барча оламлар учун хайр-баракотли қилган (Шом) заминига (юбордик).
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг улуғ пайғамбарлари бўлмиш Иброҳим ва Лут алайҳимас-саломга Ироқ мамлакатидаги золим подшоҳ ва унинг қавмидан нажот бериб, Ўзи аксари элчи ва пайғамбарларининг дунёга келадиган макони қилиб белгилаб, уларнинг баракотидан ер-у сувларини ҳам хайр-баракага тўлдириб кўйган муборак замин Шоми шарифга чиқариб юборгани ҳақида хабар беради. Ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломга даҳшатли оловдан нажот берганига гувоҳ бўлган қавм орасидаги айрим инсонлар унинг даъват қилган Дини Ҳақ Дин эканлигига иймон келтирдилар. Ўша иймон келтирган кишилар қаторида Сора ҳам бор эди. Шунингдек, Иброҳимнинг жияни - оғасининг ўғли бўлган Лут ҳам унга эргашди. Бас, Иброҳим алайҳис-салом ўзи билан Лут ва Сорани олиб Шомга ҳижрат қилди. У дастлаб Ҳорон юртига келиб, сўнгра у жойдан Мисрга борди, кейин у ердан ҳам чиқиб Фаластин заминига, яъни, Шоми шарифга бориб тушди. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр" китобидан).
Иброҳим алайҳис-саломнинг ҳижрат олдидан мушрик қавмга айтган сўзлари ҳақида мана бу оятларда ҳам хабар берилган: “(Иброҳим) айтди: «Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-оғайнигарчилигингизни кўзлаганларингиз учун (яъни, мушрик оғайнилардан кеча олмаганларингиз учун), Оллоҳни қўйиб, бутларни ушладинглар. Ҳали Қиёмат Кунида айримларингиз (яъни, пешволарингиз) айримларингиздан (эргашувчилардан) тонур, айримларингиз айримларингизни лаънатлар. Сизларнинг борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдамчилар йўқдир». Бас, Лут унга иймон келтирди”.
Лутўзи Иброҳимнинг оғасинингўғли бўлиб, Иброҳим кофирлар томонидан оловга ташланганида ёнмаганини кўргач, унинг ҳақ пайғамбар эканини билиб, биринчи бўлиб иймон келтиради...
“(Иброҳим) айтди: «Албатта, мен Парвардигорим (буюрган томон) га ҳижрат қилгувчидирман. Албатта, Унинг Ўзигина Кудрат ва Ҳикмат Эгасидир”. (Анкабут сураси, 25-26-оятлар).
72. Биз (Иброҳимга Биздан бир фарзанд сўраганида), Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам зиёда қилдик ҳамда (уларнинг) барчаларини солиҳ кишилар қилдик.
Яъни, Биз, Иброҳим: “Парвардигорим, Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя этгин”, (Вас-соффат сураси, 100-оят) деб дуо қилганида унга Исҳоқни ҳадя этдик, сўнгра сўраганидан зиёда қилиб Исҳоқдан дунёга келадиган Яъқубни ҳам ҳадя этдик ва Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг барчаларини солиҳ кишилар қилдик, яъни, уларнинг ҳаммаларини ҳаёти дунёда фақат солиҳ амаллар қилиб ўтадиган комил инсонлар қилдик. Ояти кариманинг ушбу тафсири Абдуллоҳ ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Абу Зайд ва Қатода розияллоҳу анҳум ажмаийндан ривоят қилинган. (“Тафсири Бағавий”дан).
73. Яна уларни Бизнинг Амримиз билан (кишиларни Ҳақ Йўлга) ҳидоят этадиган имомлар-пешволар қилдик. Биз уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва закотни (мустаҳиқ кишиларга) ато этишни ваҳий қилдик. Улар Ёлғиз Бизга ибодат қилгувчи бўлдилар.
Ояти каримада Ҳақ таоло аввало Иброҳим, унинг ўғли Исҳоқ ва унинг ўғли Яъқубнинг (барчаларига Оллоҳнинг салавот ва саломлари бўлгай) нафақат солиҳ - комил инсонлар бўлганлари, балки уларнинг ҳаммалари Оллоҳ таолонинг Амри, яъни, Оллоҳ нозил қилган ваҳий билан одамларни Тўғри Йўлга етаклайдиган ҳақиқий пешволар, яъни, пайғамбарлар бўлганликларига, гувоҳлик беради. Сўнгра Унинг Ўзи ваҳий орқали пайғамбарларига доимо яхши амалларни, яъни, тоат-ибодатларни, хусусан, намозни тўла-тўкис адо этишни, закотни фақир-мискинларга ато этишни буюрганини айтиб, мазкур пайғамбарларнинг барчалари Ёлғиз Унинг Ўзига қуллик қилганлари, яъни, ҳеч қачон Унга ширк келтирмаганлари ва итоатсизлик қилмаганлари ҳақида хабар беради. Бас, маълум бўладики, у буюк зотлар Оллоҳ таоло уларга ато этган салоҳият, одамларга пешво-йўлбошчи бўлиш ва пайғамбарлик неъматларининг шукронасига бутун умрларини Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога чин ихлос билан тоат-ибо-дат билан ўтказган, Ҳақ таолога ҳеч қачон исён итоатсизлик қилмаган буюк бандалар бўлганлар.
74. Яна Биз Лутга ҳукм ва илм ато этдик ва унга нопокликлар қилувчи бўлган қишлоқ (аҳли)дан нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон бузуқ қавм эдилар.
Юқоридаги оятларда Оллоҳтаоло Иброҳим алайҳис-саломга ато этган Илоҳий неъматлар зикр қилингач, энди ушбу ва ва қуйидаги оятда Ҳақ таолонинг яна бир солиҳ бандаси ва пайғамбари бўлмиш Лут ибн Ҳорон ибн Озарга ато этилган неъматлар ҳақида хабар берилади. Юқорида эслаб ўтилганидек, Лут алайҳис-салом Иброҳим-алайҳиссаломнинг жияни, яъни, оғасининг ўғли эди ва унга биринчилардан бўлиб иймон келтирган ҳамда у билан бирга Шомга ҳижрат қилган кишилардан эди.
Ушбу ояти каримада Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Лутга уч улуғ неъмат ато этганини зикр қилади. У неъматлардан биринчиси ҳукм бўлиб, одамлар ўртасида чиққан жанжал-тортишувларда чиройли ечим топиб тўғри ҳукм чиқариш малакаси деган маънони англатади. Аксари муфассирлар ушбу оятда ҳукм нубувват (пайғамбарлик) ва ҳикмат-донишмандлик маъносида келган дейдилар. Шунингдек, Лут алайҳис-саломга илм, яъни, соф эътиқод ва Оллоҳ таолога тоат-ибодат қилишга доир барча нарсаларни пайғамбарларга лойиқ бўлган даражада тўла-тўкис билишлик неъмати ҳам ато этилди. Учинчи неъмат шундан иборат бўлдики, Оллоҳ таоло ушбу пайғамбарини у юборилган Саддум ва унинг атрофидаги яна олти қишлоқ аҳолисига юборилган балодан қутқарди. У қишлоқларнинг аҳо-лиси ниҳоят даражада фосиқ-итоатсиз кимсалар бўлиб, ҳайвонлар ҳам хазар қиладиган энг жирканчли бузуқликлар қилишар - эркаклари аёлларга уйланиб оила қуриш ўрнига эркаклар билан бесоқолбозлик қили-шар, савдогарларнинг йўлини тўсиб, молларини талон-тарож қилиш ва қароқчилик билан шуғулланишар эди.
Бу ҳақда Ҳақ таоло Ўзи Китобида хабар беради: “Лут ўз қавмига: «Албатта сизлар шундай бузуқлик қилмоқдасизларки, сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди. Ҳақиқатан, ҳам сизлар (хотинларингизни қўйиб) эркакларга борурмисизлар; йўлтўсарлик - қароқчилик қилурмисизлар; мажлисларингизда ёмон ишлар қилурмисизлар?», деганини эсланг»! Бас, (Лут) қавмининг жавоби фақат: «Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг бизларга Оллоҳнинг азобини келтирчи», дейишлари бўлди. (Шунда) у айтди: «Парвардигорим, бу бузғунчи қавм устига Ўзинг мени ғолиб қил”. (Анкабут сураси, 28-30-оятлар).
“Бас, Биз унга ва аҳлига (яъни, Лут ва унга тобеъ бўлган зотларга) нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки у Оллоҳ-нинг азобида) қолиб ҳалок бўлгувчилардан эди. Биз уларнинг устига бир “ёмғир” ёғдирдик! Ана энди жиноятчи - осий қавмнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг”. (Аъроф сураси, 83-84-оятлар).
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Лут алайҳис-салом қавмидаги кофирларни ҳалок қилиб, мўминларга нажот бергани ҳақида хабар берар экан, ҳар бир кўнгил кўзи кўр бўлмаган, кўрганидан ибратли хулоса чиқаришга қодир бўлган инсонни осий-жиноятчи қавмнинг оқибати қандай бўлганини кўришга буюради, лўттибозлик - эркак эркак билан жинсий алоқада бўлиши - шу дунёнинг ўзидаёқ Оллоҳ таолонинг интиқомига дучор қиладиган энг оғир жиноят экани тўғрисида қатъий огоҳлантиради.
Лут алайҳис-салом у қавмда ўттиз йил туриб, уларни бундай нопокликни тарк этиб, инсоний ҳаёт кечиришга даъват қилди, аммо улар ўзла-ри учун холис насиҳатгўй бўлган пайғамбарнинг сўзига қулоқ солмай, оқибатда қирилиб кетдилар.
Заҳрий ривоят қилишича, у бузуқ қавм Оллоҳнинг азобига гирифтор бўлгач, Лут алайҳис-салом амакиси Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳузурига бориб умрининг охиригича унинг ёнида бўлган.
75. Ва Биз уни (Лутни) Ўз Раҳматимизга - жаннатимизга дохил қилдик. Шак-шубҳасиз, у солиҳлардандир.
Ояти каримада Ҳақ таоло томонидан Лут алайҳис-саломга ато этилган тўртинчи неъмат зикр қилинди ва ниманинг шарофатидан Лут ушбу неъматга ноил бўлгани ҳам айтилди. Оллоҳ таолонинг Раҳматидан мурод, Унинг жаннатидир. Саҳиҳ ҳадис ҳам ушбу тафсирни тасдиқлайди: “Оллоҳ таоло жаннатга деди: “Сен Менинг Раҳматим-Марҳаматимдирсан Мен бандаларимдан Ўзим хоҳлаган кишиларга сен билан марҳамат қилурман”. (“Тафсири Мунийр”дан). Демак, Оллоҳнинг Раҳматига эришиш Унинг жаннатига кириш демакдир, бу улуғ Илоҳий неъматга, буюк мукофотга сазовор бўлиш учун эса, солиҳ бандалардан бўлиш лозимдир. Яъни, қай бир бандага Оллоҳтаоло Тўғри Йўлда тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан ҳаёт кечириш неъматини ато этган бўлса, ана ўша инсонлар Унинг Раҳматига - жаннатига кириш бахтига ноил бўладилар. Ҳақ таоло Лут алайҳис-саломни ана шундай солиҳ бандалардан бўлганини таъкидлайди.
76-77. Нуҳни (эсланг). Ўшанда - (мазкур пайғамбарларнинг давридан) илгари у нидо-дуо қилган, Биз эса, унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ўзини ва аҳли-тобеъларини улуғ ғамдан қутқарган эдик. Ва унга Бизнинг оятларимизни ёлғон деган қавмдан мадад-нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон қавм эдилар. Бас, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилиб юбордик.
Ушбу икки оятда Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зоти бобарокот орқали жамийки инсониятга жуда олис мозийда ўтган, Одам алайҳис-саломдан кейинги одамзотнинг иккинчиси отаси саналадиган Нуҳ алайҳис-саломни эслатади. Нуҳ башариятнинг иккинчи отаси саналишига сабаб, унинг замонида рўй берган тўфон балосидан кейин дунёга келган жамийки инсонлар Нуҳнинг авлод-зурриётларидан тарқаганлар. Мазкур тўфон эса, Нуҳ алайҳис-саломнинг бир дуоси билан рўй берган ва барча кофир кимсаларни ҳалок қилган эди. Нуҳ қилган нидо-дуо қандай дуо бўлгани ҳақида бошқа оятларда хабар берилгандир: “Шунда у Парвардигорига: «Мен (у кофир қавмимдан) мағлубдирман. Ўзинг ёрдам қилгин», деб дуо-илтижо қилган эди”. (Қамар сураси, 10-оят). “Нуҳ айтди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин”. (Нуҳ сураси, 26-оят).
Бас, Оллоҳ таоло солиҳ бандасининг дуо-илтижосини ижобат қилди ва унга ҳамда унинг аҳли-тобеъларига улуғ ғамдан - сув остида қолиб ҳалок бўлиш ғамидан нажот ато қилди. Ояти каримада зикр қилинган “улуғ ғам”нинг яна бошқа бир маъноси: Нуҳнинг қавми ўзи унинг учун ниҳоятда улуғ ғам бўлган эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Нуҳ алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Амри билан ўз қавмини Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват қилар экан, улар бу даъватни қабул қилиш ўрнига Нуҳни то беҳуш бўлиб йиқилгунича уриб хароба уй ичига ташлаб юборар эдилар ва ўзларича энди Нуҳ ўлди деб хотиржам бўлганларида эртаси куни у ташланган жойидан чиқиб яна уларни Оллоҳ азза ва жалла буюрган Ҳақ Йўлга даъват қилаверар эди.
Ривоят қилинишича, у кофир қавмдан бўлган бир кекса чол ёш боласини етаклаб олиб, асосига суянганича келди-да, Нуҳни кўрсатиб: “Эй ўғилчам, яна сени мана бу ақлдан озган чол алдаб қўймасин”, деди. Шунда боласи унга: “Эй ота, асойингни менга бериб тургин”, деди ва асони отасидан олиб у билан Нуҳни шу қадар қаттиқ урдики, унинг зарбидан Нуҳнинг боши ёрилиб қон оқа бошлади. Бас, мана шунда Оллоҳ азза ва жалла унга: “Нуҳга ваҳий қилиндики: «Қавмингдан фақат (аввалда) иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди. Бас, сен уларнинг (яъни, ҳануз иймон келтирмаган кимсаларнинг) қил-мишларидан қайғурмагин ва Бизнинг кўз ўнгимизда (яъни, ҳифзи-ҳимоямизда) ва Бизнинг ваҳий - таълимимиз билан бир кема ясагин ва энди золим кимсалар ҳақида (яъни, уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчидирлар”, деб ваҳий юборди. (Ҳуд сураси, 36-37-оятлар). Ана ўшанда Нуҳ алайҳис-салом: “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин”, (Нуҳсураси, 26-оят). деб дуо қилади.
“Тарихи Табарий” китобида Муҳаммад ибн Исҳоқ Убайд ибн Умайр Лайсийдан ҳикоя қилиб айтади: “Улар (яъни, Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми) уни қийнаб, то ҳушидан кетгунича бўғишар, аммо у ўзига келиши билан: “Парвардигорим, қавмимни мағфират қилгин,улар билмаганлари учун шундай қилмоқдалар”, деб дуо қилар эди. Шу тарзда йиллар ўтди, аммо у кофир қавм Нуҳга иймон келтириш ўрнига унга етказган бало-мусибатлари қаттиқлаша борди. Нуҳ эса бу авлод ўтса кейинги авлод ўнгланиб қолар деб интизор бўлиб кутар эди, лекин кейинги асрда аввалги асрдан ҳам иймонсизроқ авлод келар эди. Ҳатто кейинги келганлар бир-бирларига Нуҳ алайҳис-саломни кўрсатиб: “Мана бу жинни чол оталаримиз ва боболаримиз замонида ҳам бор эди”, дейишар, унинг бирон сўзини қабул қилишмас эди.
Шунинг учун ҳам Ҳақ таоло ўрганаётганимиз оятлар сўнггида: “Дарҳақиқат, улар ёмон қавм эдилар. Бас, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилиб юбордик”, деб хабар берди.
78-79. Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини (эсланг)! Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб (пайҳон қилиб юборган) эди. Биз улар (чиқарган) ҳукмга Шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз (Довуд ва Сулаймоннинг) ҳар иккисига ҳукм - пайғамбарлик ва илм ато этдик. Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтиб турадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз (Ўзимиз хоҳлаган ишни) қилгувчидирмиз.
Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон пайғамбарларнинг олдиларига икки киши бир можаро хусусида хукм сўраб келади. Улардан бирининг кўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб бирон нарсани соғ қолдирмай пайҳон қилиб чиқиб кетган эди. Довуд алайҳис-салом қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқаради. Буни эшитган ўғли Сулаймон алайҳис-салом эса «Ерни қўйларнинг эгасига, қўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю, орадан бир йил ўтгандан кейин, кўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтиб олса. Шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда туғилган қўзиларини ҳам ўзига олиб қолса», дейди. Шунда Довуд Сулаймонга қараб: «Ўғилчам, сенинг хукминг тўғрироқдир», деб ўзи чиқарган ҳукмни бекор қилади. Чунки ҳар бир ота фарзандининг камолини кўрганида, уни ўзидан ўзиб кетганига гувоҳ бўлганида ҳеч қачон хафа бўлмайди, балки аксинча хурсанд бўлади ва Оллоҳ таолога шукр қилади. Шунинг учун ҳам Довуд алайҳис-салом ўғли Сулаймон алайҳис-салом чиқарган хукмни эшитгач, дарҳол ўзи чиқарган ҳукмни тўхтатиб ўғлининг ҳукмини тасдиқлади ва: “Сен тўғри ҳукмни топишга муваффақ бўлдинг. Оллоҳ фаҳмингни яна зиёда қилсин”, деб унинг ҳаққига дуо қилди. Ўшанда Сулаймон алайҳис-салом ўн бир ёшда экан. Дарҳақиқат, Ҳақ таоло Сулаймон алай-ҳис-саломга мана шундай хуш фаҳм ато этган эди. Бунинг яна бир мисоли “Саҳиҳайн”да - Имом Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламида Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифдир: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Икки аёлнинг икки ўғилчаси бор эди. Бир куни бўри келиб, болалардан бирини олиб қочди. Шунда аёллардан бири иккинчисига: “Бўри сенинг болангни олиб кетди”, деди, иккинчиси эса: “Йўқ, сенинг болангни олиб кетди”, деб, талашиб қолдилар ва Довуд алайҳис-саломнинг олдига адолатли ҳукм чиқариб беришини сўраб бордилар. Бас, у зот болани аёлларнинг ёши каттасига ҳукм қилиб берди. Сўнгра у аёллар Сулаймон алайҳис-саломнинг олдига чиқиб, унга бўлган воқеани ва Довуд алайҳис-салом чиқарган ҳукмни айтиб берган эдилар, Сулаймон алайҳис-салом уларнинг чиқарилган ҳукмдан рози эмасликларини кўриб, “Менга бир пичоқ келтиринглар, болани икковин-гизга тейг бўлиб берай”, деган эди, катта аёл жим тураверди, кичик аёл бўлса, “Йўқ, йўқ, Оллоҳ сенга раҳм қилсин, бола уники бўла қолсин”, деди. Шунда Сулаймон алайҳис-салом болани кичик аёлга ҳукм қилиб берди”.
Албатта, юқоридаги экинзор масъаласида ҳа.м, кейинги йўқолган бола масъаласида ҳам Довуд алайҳис-салом хато ҳукм қилган эди, дейиш дуруст эмас, балки ҳар икки пайғамбарнинг ҳукми тўғри бўлган, фақат Су-лаймон алайҳис-салом чиқарган ҳукм афзалроқ эди, дейиш мумкиндир. Чунки Оллоҳ таоло оят давомида: “Биз (Довуд ва Сулаймоннинг) ҳар иккисига ҳукм - пайғамбарлик ва илм ато этдик”, деб хабар беради. Қолаверса, ‘Сиҳоҳи ситта” - Олти саҳиҳ ҳадислар тўпламининг барчасида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Қачон хукм чиқар-гувчи ҳукм қилганида жидди жаҳд билан (яъни, бор билимини ишга солиб астойдил) ҳаракат қилса-ю, тўғри топса, унга икки ажр берилур, қачон у ҳукм қилганида жидди жаҳд билан ҳаракат килса-ю, хато ҳукм чиқарса, унга бир ажр берилур”, деб марҳамат қилганлар.
“Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтиб турадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз (Ўзимиз хоҳлаган ишни) қилгувчидирмиз”.
Ушбу жумлалардан бошлаб, куйида келадиган бир неча оятда Ҳақ таоло Довуд ва Сулаймон алайҳис-саломга ато этган мўъжиза ва неъматларини эслатади.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: “Довуд алайҳис-салом тоғлардан тасбеҳ айтган ҳолда ўтса, тоғлар ҳам у билан бирга тасбеҳ айтар эдилар. Шунингдек, қушлар ҳам унинг тасбеҳига тасбеҳ билан жавоб қилар эдилар. (“Тафсири Қуртубийдан). Яна айтишларича, Довуд алайҳис-салом беназир хуш овоз соҳиби бўлиб, Забурни тиловат қилганларида самода учиб кетаётган қуш муаллақ қотиб, атрофдаги тоғлар ҳам бирга қироат қилар экан.
Абдуллоҳ Қуртубий зикр қилишича, Довуд алайсис-салом: “Мен бу кеча Оллоҳ таолога Унинг махлуқотидан биронтаси айта олмаган тасбеҳни айтурман: деган эди, шу онда унга ҳовлисидаги ариқдан бир бақа: “Сен айтадиган тасбеҳинг билан Оллоҳ таолога мақтанаяпсанми? Менинг бўлса, ёшим етмишга кириб, бирон лаҳза тилим Оллоҳнинг зикридан қуруқ бўлган эмас”, деб нидо қилди. (“Танвийрул азҳон"тафсиридан).
80. Яна Биз (Довудга) сизларга (душман томондан) зиён етишидан сақлаши учун совут ясашни таълим бердик. Бас, сизлар, шукр қилурмисиз?!
Ушбу ояти карима Довуд алайҳис-салом Оллоҳтаолонинг ваҳий - таълими билан тариҳда биринчи бўлиб урушда жангчиларни душман ўқи ва тиғидан ҳимоя қиладиган темир совутларни кашф қилган ва ўз қўли билан ясаган инсон бўлганига далилдир. Дарҳақиқат, Довуднинг қўлида темир хамир каби юмшоқ нарсага айланиб қолар ва у мутлақо қиздирмай, эритмай темирдан хоҳлаган нарсасини ясай олар эди. Бу ҳақда бошқа бир сурада шундай хабар берилади: “Аниқки, Биз Довудга Ўз томонимиздан (улуғ) бир фазл-мартаба (пайғамбарлик) ато этдик ва дедик: «Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!» Ва Биз унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик): «Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидирман”. (Сабаъ сураси, 10-11-оятлар).
Албатта, Жаноби Ҳақнинг Довуд алайҳис-саломга темирдан совутлар, демакки, ҳимоя воситалари ясашни таълим бериши ва уларни пишиқ-пухта қилиб ясашга буюриши инсонларни жанг-жадалларда имкон қадар жароҳат ва ҳалокатдан ҳимоя қилиш учун эди. Шу боисдан оят ниҳоясида У Зот инсонларга хитоб қилиб, сизлар Менинг ушбу неъматимга шукр қилгувчимисизлар ёки йўқми?! дейди.
Шунингдек, ушбу оятда Оллоҳ таолонинг улуғ элчиларидан бири бўлган Довуд алайҳис-саломнинг ҳунарманд инсон бўлганлиги зикр қилинишидан касб, хунар билан рўзғор тебратиш шарафли иш эканлиги таъкидланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Довуд ўз қўли меҳнати билан тирикчилик қилар эди”, дедилар. Дарвоқеъ, бошқа пайғамбарлар ва солиҳ кишилар тарихларига назар ташласак ҳам, уларнинг бирон бир касб, хунар қилганларини кўрамиз. Масалан, Одам алайҳис-салом деҳқон бўлгани, Нуҳ алайҳис-салом дурадкорлик қилгани, Идрис алайҳис-салом ва Луқмони Ҳаким тикувчи бўлганла-ри ривоят қилинади. Шунинг учун ҳам Дини Ислом мусулмонларга меҳ-натсевар бўлишни, ҳалол касб ёки хунар билан рўзғор тебратишни буюра-ди, бекорчилик ва ялқовликни қоралайди, меҳнат қилишга қодир кишининг ўзи ишламасдан бировлардан хайр-садақа сўраши, ҳаром эканини айтади. Бу хусусда ворид бўлган ҳадислар ҳар бир мўмин-мусулмон учун дастуруламал бўлиши лозим.
Имом Бухорий, Муслим ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта, сизлардан бировингиз арқонини қўлига олиб, сўнгра дала-тоғларга бориб, ўтин териб келиб сотиб ейиши ва садақа қилиши унинг учун одамлардан сўраб тиланчилик қилишдан яхшироқдир”, деб марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадиси шарифда эса: “Албатта, Оллоҳтаоло шундай мўмин бандани яхши кўрурки, у гарчи ўзи ожиз-заиф бўлса ҳам бировдан сўрашдан ор-номус қилиб бирон касб-ҳунар билан ҳалол луқма ейди. Оллоҳ безбет тиланчини ёмон кўрур”, деб огоҳлантирдилар. (Ҳаким Термизий, Табароний ва Байҳақий АбуҲурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. “Тафсири Мунийр”дан).
81. Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб) унинг амри билан Биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган (қилиб қўйдик). Биз барча нарсани Билгувчидирмиз.
Энди ушбу ва қуйидаги оятда Довуд алайҳис-саломнинг ўғли Сулай-мон алайҳис-саломга Оллоҳтаоло томонидан ато этилган неъматлар зикр қилинади. Қатода розияллоҳу анҳу айтади: “Оллоҳтаоло Сулаймонга ота-си Довуднинг мулки давлатини ва пайғамбарлигини мерос қилиб берди ҳамда унга яна икки нарсани зиёда қилди - Сулаймонга шамолни ва шайтон-жинларни бўйсундириб қўйди”. Яъни, Сулаймон алайҳис-салом нафақат инсонларга, балки шамолу бўронларга, ҳатто жин ва шайтонларга ҳам амри ўтадиган подшоҳ бўлди, шунингдек, у зот нафақат отаси Довуд каби Шом ўлкасига, балки Ер юзидаги барча мамлакатларга хукмронлик қилди. Ривоят қилишларича, Сулаймон алайҳис-салом тиним билмасдан ғазот қилгувчи буюк саркарда бўлган. Ернинг қай бир чеккасида бир мамлакат борлигидан хабардор бўлса, албатта у жойга бориб ўзига буйсунди-риб қайтар эди. Бунинг учун унинг амри билан жин-шайтонлар бир зум-да ёғочдан жуда улкан ва муҳташам кема ясашар, сўнгра у кемага барча қўшин қурол-аслаҳа-ю от-уловлари билан жойлашгач, бўронли шамол у баҳайбат кемани даст кўтариб осмонга юксалар ва Сулаймон буюрган томонга қараб йўл олар эди. Кемани устидаги бениҳоя оғир юки билан самога олиб чиққанидан кейин подшоҳннинг амри билан бўрон майин эсадиган шамолга айланиб, дала-ю даштлар устидан учиб ўтар экан дов-дарахтни қимирлатмас, кум-тупроқларни тўзитмас ва бирон қушга озор бермас эди. Шундай қилиб, Шом юртидан эрталаб чиқиб кетган шамол, минг-минглаб одам, от-улов ва қурол-аслаҳа жойлашган баҳайбат кемани кўтарганича бир ойлик масофани босиб бориб, кўзланган ҳарбий вазифа адо этилгач, кечки пайт Оллоҳ таоло хайр-баракотли қилиб кўйган Шоми шарифга - Сулаймон алайҳис-саломнинг ватанига қайтиб келар эди. У зотга берилган бу неъмати Илоҳийя ҳақида бошқа бир оятда ҳам айтилган: “Бас, Биз (Сулаймонга) унинг амри билан, у истаган томонга майин эсаверадиган шамолни бўйинсундирдик”. (Сод сураси, 36-оят).
Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳу айтади: “Қачонки учқур отлари Наби-йуллоҳ Сулаймон алайҳис-саломни машғул қилиб қўйиб, аср намозини қазо қилганида, у зот Оллоҳ учун ғазабланиб ўша суюкли отларини сўйиб юборгач, Оллоҳ таоло унга ўша шамолдек учадиган отлар ўрнига улардан яхшироғини - шамолнингўзини буйсундириб қўйди ва шамол Сулаймоннинг амри билан у хоҳлаган томонга қараб учадиган бўлди”. Сулаймон алайҳис-саломнинг отлари ҳақидаги қисса мана бу оятларда зикр қилинган: “Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик. (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат, у (Оллоҳ рози бўладиган Йўлга) қайтгувчидир. Эсланг, унга (бир куни) кечки пайт гижинглаб тургувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди. Бас, у (ўша отларга маҳлиё бўлиб, кун ботиш олдида ўқийдиган намози қазо бўлгач), деди: «Дарҳақиқат, мен Парвардигоримни эслашдан (яъни, ўқийдиган намозимдан қолиб) бу суюкли от-ларни суюб-эркалашга берилиб кетибман! Ҳатто (қуёш ҳам) парда ортига беркинибди (яъни, ботиб кетибди)! У (от)ларни менга қайтаринглар-чи! Бас, у (қилич билан отларнинг) оёқ ва бўйинларини «силаш»га киришди (ва уларни Оллоҳ Йўлида қурбонлик қилиб юборди)” (Сод сураси, 30-33-оятлар). (“Тафсири КуртубшГва “Тафсири Бағавий”дан).
82. Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон) учун ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва Биз уларни (Сулаймоннинг амридан чиқиб кетмасликлари учун) қўриқлаб тургувчи эдик.
Ушбу ояти кариманинг энг яхши тафсири мана бу оятлардир: “Яна барча (баланд қасрларни) бино қилгувчи ва (денгизларнинг қаъридан дурру гавҳарларни топиб чиқувчи) ғаввос шайтонларни (яъни, жинларни ҳам Сулаймонга бўйинсундириб қўйдик). Бошқа (бўйинсунмайдиган жин)ларни эса кишанлар билан боғланган ҳолга солдик. (Ва Сулаймонга дедик): «Мана шу Бизнинг (сенга) ато этган нарсамиздир. Бас, сен (ушбу неъматлардан ўзинг хоҳлаган кишиларга) бергин ёки бермагин (сени бу тўғрида) ҳисоб-китоб қилинмас». Шак-шубҳасиз, (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни, жаннат) бордир”. (Сод сураси, 37-40-оятлар). “Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўй-сундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким Бизнинг Амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўюрмиз. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни - ибодат-хоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берурлар. (Эй) Довуд хонадони, (Оллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир. Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асосини еяётган Ер жонивори (ёғоч кемирувчи бир қуртгина) далолат қилди. Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар гайбни билгувчи бўлганларида бу хор қилгувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлур эдилар”. (Сабаъ сураси, 12-14-оятлар).
Мазкур оятларда ота-ўғил - Довуд ва Сулаймон пайғамбарларга Оллоҳ таоло ато этган неъматлар санаб ўтилди. Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло Довуд алайҳис-саломга шундай хуш овоз берган эканки, у киши Забурни тиловат қилганларида осмонда учиб кетаётган қушлар тек қотар ва чор атрофдаги тоғу тошлар у зотга жўровоз бўлиб тиловат қилишар экан. Ўша замонда темирчилик ҳунари ниҳоят даражада равнақ топган бўлиб, те-мирчилар ўзларининг асбоб-анжомлари воситасида истаган нарсаларини ясай олар эканлар. Асли касби совутсозлик бўлган Довуд пайғамбар эса шундай фазилатга эга эканларки, қўллари теккан темир хамирдек мулойим бўлиб қолар ва у зот бирон асбоб-анжомсиз уни ўзлари хоҳлаган шаклга киритар эдилар. Бу мўъжизанинг гувоҳи бўлган кишилар Довуднинг ҳақ пайғамбар эканига иймон келтиришар эди.
Энди Сулаймон алайҳис-саломга эса, Оллоҳ таоло инсу жин подшоҳлигини ато этган эди. Учар шамоллар ҳам у зотнинг инон-ихтиёрида бўлиб, истаган жойларига бир зумда элтиб кўяр эди. Сулаймон пайғамбарга берилган мўъжизалардан яна бири мис булоғи бўлиб, ривоят қилиниши-ча, ундан сув ўрнига муздек мис оқиб ётар, пайғамбар измидаги жинлар эса ўша мисдан у зотнинг хоҳлаган нарсаларини ясаб беришар экан. Ушбу сўнгги оят айрим кишиларнинг жинлар ғайбни - яъни, келажакда рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни биладилар, деган гумонларини рад этади. Чунки улар то ўтирган ҳолларида жон таслим қилган Сулаймон алайҳис-саломнинг суяниб ўтирган асоларини бир йил давомида ёғоч қурти еб, ана ўшандагина ерга қулаб тушмагунларича у зотнинг вафот қилганлари-ни билмаганлар ва тиним билмасдан пайғамбар уларга буюрган оғир меҳнатда - баланд қаср бино қилишда давом этганлар.
Халқ орасидаги “Сулаймон ўлиб, девлар қутилди”, деган иборанинг тарихи мана шу воқеаларга боғлиқ бўлса керак.
Дарҳақиқат, бандаси Довуд учун тоғ-тошни сўзлатиб, темирни хамирдек юмшоқ қилиб қўйган, бандаси Сулаймон учун эса, кўзга кўринмас махлуқлар бўлган шамол ва жинларни қарам қилиб қўйган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло беҳад Буюк ва Қудратлидир.
83-84. Айюб - Парвардигорига нидо қилиб: «(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг Раҳмлироғидирсан», деб илтижо қилган пайтини (эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан Раҳмат-Марҳамат кўрсатиб ва барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича (фарзандларни) ато этдик.
Айюб пайғамбар асли Рум мамлакатидан бўлиб, серфарзанд ва бой-бадавлат киши эдилар. Сўнгра бошларига оғир кунлар тушиб мол-дунёларидан ажрадилар, лекин қаноат қилдилар; болалари бирин-кетин ҳалок бўлишиб, улардан ҳам жудо бўлдилар, сабр қилдилар; саломатликларидан ажраб, энг оғир хасталикларга дучор бўлдилар, шикоят қилмадилар. Айюб алайҳис-саломнинг: “Парвардигорим мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг Раҳмлироғидирсан”, деб қилган дуоси ҳам бошига тушган балодан норозилик ифодаси эмас эди. Ривоят қилинишича, Айюб алайҳис-саломнинг хотини Раҳмат бир куни: “Бу дарду балоларни бошингиздан аритишини сўраб Оллоҳ таолога дуо қилмайсизми?” деганида у: “Кенгчилик ва саломатликда умримнинг қанча муддати ўтди?” деб сўради. Хотини: “Саксон йили”, деган эди, Айюб алайҳис-салом: “Ҳали балоли кунларимнинг муддати сафоли кунларимга етмасидан мен Оллоҳ таолога ўз ҳолимдан шикоятланишга ҳаё қиламан деган эди. Лекин қачонки айрим кимсалар: «Бу энг ёмон гуноҳ-жиноятларни қилганки, Худо унга шундай балоларни юборган», деганларини эшитгандан кейингина сабр косаси тўлиб Оллоҳ таолога илтижо қилиб, ўз ҳолидан шикоят қилган ва Ҳақтаоло у зотнинг дуоларини ижобат қилиб, саломатликларини ҳам, мол-давлатларини ҳам қайтариб берган. Ҳалок бўлган етти ўғил, етти қизларига ҳаёт ато этиб, яна етти ўғил ва етти қиз кўрган эди.
Мазкур оятдаги «барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб», деган сўзларнинг маъноси шуки, бошларига бирон бало тушган кишилар Айюб алайҳис-салом каби сабр-қаноат қилсалар албатта Оллоҳ таоло уларнинг балоларини кетказиб, аввалгидан ҳам зиёда неъ-матлар ато этур.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «Дарҳақиқат, мени шайтон бало ва азоб билан ушлади», деган пайтини эсланг! (Шунда унга айтилди): «Оёғинг билан (остингдаги Ерни) тепгин!» (У Оллоҳнинг амрини бажарган эди, ўша ердан бир чашма отилиб чиқди. Сўнг унга айтилди): «Мана шу чўмиладиган жой ва муздек ичимлик сувдир». (Қачонки Айюб у сувда чўмилиб, сўнг ундан ичгач, унинг барча зоҳирий ва ботиний дардлари дарҳол даво топди). Ва Биз Ўз томонимиздан меҳрибонлик кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлсин деб, (Айюбга) аҳли оиласини ва улар билан қўшиб, яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ҳадя этдик. (Яна Биз Айюбга айтдик); «Кўлингга бир боғ (новдани) олиб, у билан (хотинингни) ургин - қасамингни бузмагин».
Айюб алайҳис-салом касаллик чоғларида боқиб парвариш қилган хотинлари бир куни у кишига бепарволик кўрсатганида Айюб пайғамбар диллари оғриб «Тузалганимда албатта сени юз қамчи ураман», деб қасам ичган экан. Шу боисдан шифо топганидан сўнг Оллоҳ таоло у кишига ичган қасамининг устидан чиқиши учун юзта новдани бир боғлам қилиб боғлаб, у билан хотинини бир марта уришга амр қилди.
Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилгувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан, у (Оллоҳ рози бўладиган Йўлга) қайтгувчидир”. (Сод сураси, 41-44-оятлар).
85-86. Исмоилни, Идрисни ва Зул-кифлни ҳам (эсланг)! Улар ҳам барчалари сабр қилгувчи зотлардандирлар. Биз уларни Ўз Раҳматимизга - жаннатимизга дохил қилдик. Дарҳақиқат, улар солиҳлар-дандирлар.
Юқоридаги икки оятда Оллоҳ таолонинг сабрли ва солиҳ бандаси ва пайғамбари Айюб алайҳис-салом қиссаси зикр қилингач, ушбу оятларда сабр ва салоҳда худди Айюб каби бўлган яна уч пайғамбар Исмоил, Идрис ва Зулкифл алайҳимус-саломни ҳам эслаб ўтиш буюрилди. Улардан Исмоил алайҳис-салом Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломнинг ўғли бўлиб, унинг қандай сабрли ва салоҳиятли фарзанд эканлиги ҳақида Ҳақ таоло мана бу оятларда хабар берган: “Бас, улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлган эдилар, Биз уларни тубан-мағлуб қилдик. (У ўт ичидан эсон-омон чиқди) ва деди: «Албатта мен Парвардигорим (буюрган тараф)га кетгувчидирман. Унинг Ўзи мени (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилур. Парвардигорим, Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя этгин». Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик. Энди қачонки у (бола катта бўлиб, отаси Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди. У айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншооллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан». (Вас-саффот сураси, 98-102-оятлар).
Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг айтишича, Оллоҳ таолонинг барча пайғамбарларининг кўрган тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳис-салом тушида берилган фармоннинг ўзи биланоқ ўғли Исмоил алайҳис-саломни қурбон қилишга чоғланди ва ўғли ҳам (ўшанда у эндигина ўн уч ёшга қадам қўйган экан) тўла розилик билан Оллоҳнинг амрига бўйинсунди.
Бас, қачонки уларнинг иккиси ҳам (Оллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (Ерга) ётқизган эдики; Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта бу (яъни, Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сўйишни - қурбонликни эваз қилиб бердик (яъни, катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик).” (Вас-саффот сураси, 103-107-оятлар). Шунингдек, Исмоил Забиҳуллоҳ алайҳис-салом ҳақида тафсиримизнинг ушбу ўн иккинчи китобидан жой олган Марям сурасининг 54-55-оятлар тафсирида ҳам айтиб ўтилди. Идрис алайҳис-салом хусусида бўлса, яна ўша Марям сурасининг 56-57-оятлари тафсирида бақадри ҳол баён қилдик.
Энди ояти каримада зикр қилинган Зул-кифл алайҳис-саломга келсак, аксари тафсир уламолари у зотнинг ҳам Оллоҳ таолонинг пайғамбарларидан бўлганини айтадилар. Чунки унинг исми ояти каримада пайғамбарлар исмлари билан ёндош саналди. Аммо айрим уламолар Зулкифлни Оллоҳ таолонинг бир солиҳ бандаси эди, дейдилар.
Абу Мусо, Мужоҳид ва Қатода раҳимаҳумуллоҳ айтадилар: “Ясаъ, яъни, Ювшаъ пайғамбар кексайиб қолгач, қани энди одамлар устида менга ўринбосар бўла оладиган бир кишини қолдирсам, лекин бунинг учун унинг қандай амал қилишини кўришим керак, деб ўйлади-да, қавмини тўплаб: “Ким менга уч нарсага - кундузлари доимо рўзадор бўлишга, кечалари ухламай намоз ўқишга ва одамлар ўртасида ҳукм чиқарганида ҳеч қачон ғазабланмасликка кафолат бера олади?” деб сўради. Шунда Ийс зурриёти-дан бўлган бир киши: “Мен” деб жавоб қилди. Лекин Ювшаъ унинг сўзини рад этди. Сўнгра эртасига у яна кечаги сўзларини айтганида яна ўша киши: “Мен” деб жавоб берган эди, Ювшаъ уни ўзига ўринбосар қилиб тайинлади ва ўша киши сабр-тоқат билан берган барча ваъдасига вафо қилди. Бас, Оллоҳ таоло уни шарафлаб Зул-кифл, яъни, зиммасига олган ишига кафил бўла оладиган Кафолат соҳиби, деб атади. Зул-кифл тўғрисида айтилган бошқа ривоятлар ҳам бор. Улардан бирида: “Зул-кифл бир покиза киши бўлиб, бошига кулфат, бало ёки туҳмат тушиб қолган кишиларни доимо ўз кафолатига олар ва Оллоҳ таоло ўша инсонларга унинг қўли билан бало-мусибатларидан нажот берар эди”, дейилади”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Ушбу оятларда Ҳақ таоло у сабр-матонатли солиҳ бандаларини Ўзи Раҳматига олиб, жаннатларига киритишини эълон қилди. Ушбу Илоҳий ваъда келажакда - Қиёмат Кунида ҳеч шак-шубҳасиз адо қилиниши аниқ бўлгани сабабли ўтган замон феълида айтилди.
87-88. Зуннун - Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо қилган (пайтини эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз.
“Зуннун”, яъни, “балиқ Соҳиби” деб ном олган Юнус алайҳис-салом Оллоҳнинг Амри билан ўз қавмини Ҳақ Йўлига даъват қилганида улар иймон келтирмадилар. Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида огоҳлантирганида ҳам у қавм тавба қилмади. Шунда Юнус пайғамбар Яратганнинг: «Сабр қил», деган буйруғини унутиб, ўз қавмининг иймонсизлигидан ғазабланган ҳолда қишлоғидан чиқиб кетади ва ўзича «Бу ишим учун Оллоҳ мени жазоламас», деб ўйлайди. Лекин Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу хатосининг жазосига ўзининг кенг қишлоғига сиғмаган Юнусни балиқнинг тор қорнига ҳибс қилиб қўяди. Шунда Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида туриб юқоридаги оятда зикр қилинган каби нидо қилади.
Ҳақ таоло мазкур воқеа ҳақида бошқа оятларда ҳам хабар берган: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига (яъни, У Зот кофирларга муҳлат бериб кўйганига, Ислом дини тезроқ ғолиб бўлмаётганига) сабр қилинг ва наҳанг-балиқ соҳиби (яъни, Юнус пайғамбар) каби (бесабр) бўлманг! Эсланг, у (ўзи бесабрлиги учун тушиб қолган балиқ қорнида туриб) ғамга тўлган ҳолда (Парвардигордан паноҳ тилаб) нидо қилган эди. Агар унга Парвардигори томонидан бўлган неъмат-марҳамат етмаганида, албатта қуруқликка мазамматланган ҳолда улоқтирилган бўлур эди (лекин Парвардигори унга марҳамат кўрсатиб балиқ қорнидан соғ-омон чиқарди). Сўнг Пар-вардигори уни (яна пайғамбарликка) танлаб, солиҳ (пайғамбар)лардан қилди”. (Қалам сураси, 48-50-оятлар).
“Тафсири Табарий”, “Дуррул-Мансур”, “Ал-бидоя ван-ниҳоя” ва яна бошқа тафсир китобларида Абдуллоҳ ибн Масуъд, Саид ибн Жубайр ва Ваҳб розияллоҳу анҳум ва бошқалардан ривоят қилинишича, Юнус алай-ҳис-салом ва унинг қавми қиссаси қуйидагичадир: Бу қавм Ироқ мамлакати, Мавсил минтақасининг Найнаво қишлоғида яшайдиган мушрик-жоҳил бир қавм эди. Оллоҳ таоло уларга Юнус алайҳис-саломни элчи қилиб юборди. Юнус у қавмни Ёлғиз Оллоҳ таолога иймон келтиришга, Унга бирон нарсани ширк келтирмасликка даъват қилди. Аммо улар Оллоҳнинг пайғабарига итоат қилиш ўрнига уни ёлғончи қилдилар. Бир неча йил (айрим ривоятларга қараганда тўққиз йил) қилган даъвати бесамар кетгач, қавмдошларининг иймон келтиришларидан умиди узилган Юнус алайҳис-салом Оллоҳтаолонинг Амри билан уч кун ўтганидан кейин эрта тонг-да у қавмга Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида хабар берди ва учинчи кун ярим тунда қишлоқдан чиқиб кетди. Эрта тонгда уйғонган қишлоқ аҳли бутун осмонни қоп-қора булут қоплаб, ҳатто уйларининг томи ҳам кўринмай қолганига гувоҳ бўлишгач, бир-бирларига қараб: “Юнус бирон марта ёлғон сўзлаганини билмаймиз. Қаранглар-чи, у ўз уйида тунадимикан. Агар уйида бўлса, демак, ҳеч гап йўқ. Аммо агар уйида тунамаган бўлса, у ҳолда тонг саҳарлаб бутун борлиқни қоплаб олган бу қора булут Оллоҳнинг азоби эканини билинглар”, дейишди. Юнусни ҳеч қаердан топа олмаганларидан кейин, унинг айтган сўзлари ҳақ эканини аниқ билдилар ва Оллоҳ дилларига тавба-тазарруъ қилиш кераклигини солиб, бутун қишлоқ - эркак, аёл, болалар, ҳатто чорва ҳайвонларини ҳам олиб, ибодат чоғида кия-диган дағал матодан тикилган кийимларини кийиб бир баландликка чиқдилар ҳамда чин ихлос билан Оллоҳ таолога иймон келтириб, дуо-илтижо қила бошладилар. Улар оналарни чақалоқларидан ажратиб қўйдилар, чорва ҳайвонлари ҳам оналари бошқа, болалари бошқа қилиб бўлиб қўйилган эди. Шунинг учун улар бир-бирларига интилиб дод-вой солар, катталар ҳам дод-фарёд қилиб йиғлаб Оллоҳ азза ва жаллага илтижо қилар ва: “Юнус келтирган Ҳақ Динга иймон келтирдик. Ё Оллоҳ, албатта бизларнинг гуноҳимиз жуда каттадир, аммо Сен барча нарсадан Буюкроқдирсан. Ўзинг бизга биз лойиқ бўлган азобни эмас, Ўзинг Эга бўлган Мағфиратни ато этгин”, дер эдилар. Бас, Парвардигор уларга раҳм қилиб, дуоларини мустажоб этди ва бошларига тушаёзган азобни уларнинг устидан кўтарди.
Ҳазрати Алий розияллоху анудан ривоят қилинишича, бу воқеа ошуро - муҳаррам ойининг ўнинчи куни бўлган эди. (“Тафсири Куртубий”).
Ўша куни Юнус алайҳис-салом ўз қишлоғидан чиқиб кетиб, бир четда қавми устига тушадиган азоб-ҳалокатга кўз тикиб турди, аммо ҳеч нарсани кўрмади. Шунда у: “Мен қавмимга ваъда қилган азоб тушмадику. Энди уларнинг олдига қайтиб борсам, “берган хабаринг ёлғон экан”, деб мени ўлдирадилар”, дедида, денгиз томонга қараб кетди. Сохилга етиб бориб, бир кемага одамлар чиқаётганини кўрди. Кема эгалари Юнусни таниб қолдилар ва ҳақ олмасдан уни кемага чиқариб олдилар. Кема йўлга тушиб, денгизнинг ўртасига етиб борганида на олдинга ва на орқага юрмай таққа тўхтаб қолди. Кема аҳли: “Кемамизга бир бало бўлди”, дейишиб, нима қилишларини билмай турган эдилар, Юнус: “Унга нима бўлганини мен биламан. Кемадагилар орасида жуда катта гуноҳ қилган кимса бор”, деди. Улар: “Ким ўша?” деб сўраган эдилар, Юнус: “Ўша гуноҳкор кимса, эгасидан қочган қул мендирман. Сизлар мени денгизга улоқтириб юборинглар, кемала-рингиз юради”, деди. Кемадагилар: “Сени ҳеч қандай сабабсиз денгизга ташлаб юбора олмаймиз”, дейишди. Шунда Юнус уларга кемадан улоқтиришга лойиқ кимсани аниқлаш учун кемадагилар ўртасида қуръа - чек ташлашни, қуръа кимга чиқса ана ўша кимсани денгизга ташлаб юборишни таклиф қилди. Уч марта қуръа ташладилар ва ҳар сафар куръа Юнусга қарши чиқди. Шундан кейин ноилож уни денгизга ташлаб юбордилар ва кема жойидан жилди. Кема остида эса Парвардигорининг Амрини кутиб оғзини очиб турган ҳут - наҳанг балиқ Юнус алайҳис-саломни ютиб юборди.
Шаъбий айтади: “Ҳут Юнусни ошуро куни чошгоҳ пайтида ютиб юборди ва ўша куни асрдан кейин, қуёш ботишга яқинлашиб қолганида соғ-саломат ҳолида денгиз соҳилига чиқариб ташлади”. Бу ошуро куни-нинг фазилатли кун эканидандир. Чунки худди шу куни Оллоҳ таоло Юнус алайҳис-саломнинг қавмидан азобни кетказди. (“Танвийрул-азҳон тафсири”дан).
Эсласак, Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ва уларнинг қавми бани Исроил золим Фиръавн балосидан нажот топган кун ҳам ошуро куни эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича эса, Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида қирқ кун қолиб кетган. (“Маолимут-танзийл тафсири”дан).
Мана бу оятларда ҳам Юнус алайҳис-саломнинг бошидан ўтган воқеа-лар зикр қилингандир: “Юнус ҳам шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир. Эсланг, у (ўз қавмидан ғазабланиб Парвардигорининг изнисиз қишлоғидан чиқиб, одамлар билан) тўла бўлган кемага қараб қочган эди. Бас, у (кемадагилар билан) қуръа ташлашиб мағлуб бўлгач, (уни денгизга улоқтирдилар). Бас, уни (Парвардигорининг изнисиз ўз қавмини ташлаб чиқиб кетгани сабабли) маломатга лойиқ бўлган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди. Энди агар у (Оллоҳга доимо) тасбеҳ айтгувчилардан бўлмаса эди, албатта у (балиқ) қорнида то қайта тириладиган Кунларигача (яъни, Қиёматгача) қолиб кетган (яъни, ҳалок бўлган) бўлур эди. Бас, Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик. Ва унинг устида (соя ташлаб туриши учун) қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик. (Балиқ қорнидан эсон-омон чиққач), Биз уни юз минг, балки унданда кўпроқ (одамга) пайғамбар қилдик. Бас, улар (Юнусга) иймон келтирдилар. Сўнг Биз уларни (маълум) бир муддатгача (яъни, ажаллари битгунча ҳаёт неъматидан) баҳраманд этдик”. (Вас-соффат сураси, 139-148-оятлар).
Ўрганаётганимиз ояти каримада Юнус алайҳис-саломнинг қоронғу зулматларда туриб дуо қилгани зикр қилинди. Бу ўринда зулматлар кўплик шаклида келгани сабабини Абдуллоҳ ибн Аббос ва Қатода розияллоҳу анҳум шундай тафсир қиладилар: “Дарҳақиқат, Юнус Парвардигорга дуо қилган ўша соатда учта зулмат - қоронғу кеча зулмати, денгиз қаъридаги зулмат ва балиқ қорнидаги зулмат жамланган эди”. Ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Юнусни ютиб юборган балиққа: “Сен унинг бир тукига ҳам озор бермагин. Чунки Мен сенинг қорнингни унинг учун зиндон қилдим, аммо уни сенга таом қилиб берганим йўқ”, деб ваҳий юборади.
Саид ибн Абул-Ҳасандан ривоят қилинди: “Наҳанг балиқ Юнус алайҳис-саломни ютиб юборганида у ўлим келди шекилли деб ўйлади ва оёқларини чўзганича ётиб қолди, сўнгра ўлмаганини билгач, ўрнидан туриб ўз одати бўйича намоз ўқий бошлади ва дуо асносида: “Парвардигоро, мен Сен учун шундай жойни масжид қилиб олдимки, бу жойда мендан бошқа бирон кимса намоз ўқиган эмас”, деди.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган мана бу саҳиҳ ҳадис ҳам Юнус алайҳис-саломни шарафлайди: “Ҳазрати Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Сизлар мени Юнус ибн Маттодан афзал деб билманглар”. Абул-Маоний Жувайний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадиснинг маъноси, мен, дейдилар Пайғамбар алайҳис-салом, меърож кечасида самога кўтарилиб, жаннатдаги Сидратул-мунтаҳо дарахти олдида турганимда Оллоҳ таолога денгиз қаъридаги балиқ қорнида турган Юнусдан яқинроқ эмас эдим”. Яъни, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг макони бирон бир тараф эмас, балки У Зот барча тараф - маконларда ва ҳамма замонларда баробар Ҳозир ва Нозир - Бор ва Кўриб тургувчидир”. (“Тафсири Куртубийдан).
Ояти каримада мазкур бўлган дуо шарофати ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган: Абу Довуд Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Нун - балиқ Соҳиби (яъни, Юнус алайҳис-салом) балиқ қорнида туриб: “Ҳеч илоҳ йўқ, магар Сенинг Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим”, деб қилган дуосини мусулмон киши қандай нарса тўғрисида айтиб дуо қилса, ҳеч шак-шубҳасиз ўша сўраган дуоси мустажоб бўлади”. (Ушбу ҳадиси шарифни Термизий, Насоий ва бошқалар ҳам ривоят ҳилганлар).
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан қилинган яна бир ривоятда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ла илаҳа илло анта - Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Сенинг Ўзинг бордирсан” калимаси Оллоҳ таолонинг Исми Аъзами - энг Улуғ Исмидирки, Унга ушбу калима билан дуо қилинса, албатта ижобат қилади, сўралса, албатта ато этади”, деб марҳамат қилганлар. (“Танвийрул-азҳон ” тафсиридан).
89-90. Яна Закариёнинг: «Парвардигорим, мени ёлғиз ҳолда ташлаб қўйма (яъни, менга Ўз даргоҳингдан бир меросхўр фарзанд ато эт), Ўзинг ворисларнинг Яхшироғидирсан (яъни, ҳамманинг ортида қолгувчидирсан)», деб нидо қилган пайтини ҳам (эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда унинг учун жуфтини ўнглаб (туғмайдиган кампирни фарзанд кўришга қодир қилиб) қўйдик.
Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) хайрли ишларни қилишга шошар эдилар ва Бизга умид ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилгувчи эдилар.
Ушбу икки оятнинг аввалгисида ва иккинчи оятнинг илк жумласида Ҳақ таоло Ўзининг солиҳ бандалари ва пайғамбарлари бўлмиш Закариё ва Яҳё алайҳимас-саломга ато этган неъматларини зикр қилади. Мазкур ибратли қисса хақида бошқа сураларда янада батафсил ҳикоя қилинган: “Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «алдаб» имтиҳон қилурмиз. (Кейин барчаларингиз) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар. Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришта-лар нидо қилдилар: «(Эй Закариё), Оллоҳ сенга Оллоҳнинг Сўзини тасдиқ этадиган, (ўз кавмининг) улуғи, (шаҳватлардан ўзини) тиювчи ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини берур”. (Ол-и Имрон сураси, 38-39-оятлар).
Яъни, Закариё алайҳис-салом Оллоҳ таолога муножот қилиб намозда турар экан, ҳузурига Жаноби Ҳақнинг Амри билан Жаброил алайҳис-салом келди ва унга Яҳё исмли бир ўғил хушхабарини берди. Оллоҳ таоло уни Яҳё деб атади. Бу сўз “тирик қалбли” деган маънони билдиради. Дарҳақиқат, Ҳақ таоло Яҳёнинг қалбига иймон ва тоат билан ҳаёт кечириш неъматини ато этди. У дунёдан бирон гуноҳга қадам босмаган ҳолда ўтди. Унинг сифатларидан энг аввалгиси: “Оллоҳнинг Сўзини тасдиқ этувчи”, эканидир. “Оллоҳнинг Сўзи”дан мурод бу ўринда Ийсо ибни Марямдир. Чунки у зот Қуръони Карим хабарига кўра Оллоҳ таолонинг: “Бўл”, деган Сўзи - Фармони билан онаси Марям вужудида пайдо бўлган. Яҳё Ийсодан ярим ёш - олти ойлик катта бўлиб, Ийсо алайҳис-саломга биринчи бўлиб иймон келтирган. Яҳёнинг яна бир сифати - у ўз қавмининг саййиди - улуғи эканидир. У туғилиб, вояга етгач, қавмига етакчи бўлиб, тобе ва ёрдамчиларга эга бўлади.
У бутун умри давомида ҳеч ҳаёт роҳатларини ўйламай, фақат тоат-ибодат билан машғул бўлгани учун гарчи ўзи уйланишга - жинсий ҳаётга қодир бўлса-да, ўзини тийиб уйланмасдан - аёл кишига яқинлашмасдан ўтади.
Ва ниҳоят Яҳё алайҳис-саломнинг ушбу ояти каримада зикр қилинган яна бир сифати - у ҳали дунёга келмасидан Оллоҳ таоло унинг солиҳ пайғамбарлардан бўлиши ҳақида хушхабар беради. Яҳё алайҳис-салом гўдаклик чоғидан гўзал тарбия олиб, Мусо алайҳис-салом келтирган Шариат аҳкомларини пухта ўрганиб, уларга амал қилиб яшайди ва одамлар ундан ҳар қандай Диний масъалаларда фатво сўрайдиган бўлишади.
Закариё алайҳис-салом Оллоҳтаоло унга фарзанд ато этиши ҳақидаги бу Илоҳий хушхабарни эшитгач, қанчалар шодланган бўлса, шунчалик ҳайрон ҳам бўлди. Чунки, бир ривоятга кўра, ўшанда Закариё бир юз йигирма ёшда, кампири эса бир кам тўқсонда эди.
“Парвардигорим, менга кексалик етган, хотиним туғмас бўлса, мендан қандай фарзанд бўлсин?», деди (Закариё). (Оллоҳ) айтди: «Шундай, Оллоҳ истаган ишини қилур”. (Ол-и Имрон сураси, 40-оят).
Закариё алайҳис-саломнингўзига берилган хушхабардан бундай тааж-жубга тушиши албатта Оллоҳ таолонинг ҳар ишга Қодир Зот эканига шубҳа қилганидан эмас, балки аксинча Унинг Қудратига лол қолганидан эди. Шунинг учун хдм у бу хушхабарни келтирган Жаброил алайҳис-саломга эмас, Ҳақ таолога нидо қилиб, тазарруъ ва илтижо қилиб: “Эй Пок Парвардигор, наҳотки Сен менга ва аёлимга мана шу кекса ёшимизда фарзанд кўриш бахтини насиб этган бўлсанг”, деб ҳайратларга тушади. Оллоҳ субҳонаху ва таоло бу солиҳ бандасининг нидосига жавобан Ўзининг хоҳлаган ишини қилишга Қодир эканини, бандалари чин ихлос билан, сидқидилдан дуо қилиб сўрасалар, уларнинг ақллари бовар қилмайдиган мана шундай ва яна ҳар қандай мўъжизаларни ато этиш Унинг учун осон эканини айтади.
Ушбу оятларни янада тўлароқ тушунишимиз учун, Қуръоннинг энг яхши тафсири Қуръоннингўзи бўлгани сабабли Закариё ва Яҳё алайҳимас-саломлар тарихи зикр қилинган бошқа ояти карималарни келтирамиз: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, ушбу қисса) Парвардигорингиз Ўз бандаси Закариёга қилган Марҳаматининг зикри-қиссасидир. Эсланг, у Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб, деган эди: «Парвардиго-рим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим - сочим оқарди. Парвардигорим, мен Сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман. Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (менинг динимни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен Ўз даргоҳингдан менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр (пайғамбар) бўладиган бир дўст (яъни, фарзанд) ҳадя этгин ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қилгин». (Оллоҳ айтди): «Эй Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмизки, унинг исми Яҳё бўлиб, Биз илгари унга бирон (кимсани) отдош қилган эмасмиз». (Закариё) деди: «Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг (умрим-нинг) ниҳоясига етиб қолган бўлсам, мендан қандай фарзанд (бунёд) бўлсин?» (Оллоҳ) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтур: “Бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку (яъни, йўқдан бор қилган эдим-ку)!» «Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги-аломат қилсанг», деди (Закариё). (Оллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан». Бас, (Закариё) меҳробдан - ибодатгоҳидан ўз қавмининг олдига чиқиб, уларга эрта-ю кеч (Оллоҳни) поклаб - ибодат этишни ишора қилди. Дарҳақиқат, Закариё алайҳис-салом уч кунгача тасбеҳўгириш ва Таврот тиловат қилишдан бошқа нарсага тили айланмай қолади ва ибодатхонага келган кишиларга ҳам фақат имо-ишора билан панд-насиҳат қилади. Сўнг вақти-соати етиб Яҳё алайҳис-салом дунёга келгач, Оллоҳтаоло унга гўдаклик чоғидаёқ ваҳий юборади. Қуйидаги оятларда шу ҳақда ҳикоя қилинади. (Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни, Тавротни) маҳкам ушлагин», (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик. Яна (унга) Ўз даргоҳимиздан меҳр ва (гуноҳлардан) поклик (ато этдик). У тақволи бўлди. У ота-онасига итоатли - меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (Қиёмат) Кунида ҳам тинчлик-омонлик бўлур (яъни, у туғилиш машаққатидан, ўлим азобидан ва Қиёмат Кунида дўзахга тушиш хавфидан омондир)”. (Марям сураси, 2-15-оятлар).
Ушбу оятлар Марям сурасида алақадриҳол тафсир қилиб ўтилди.
Мазкур оятларда кексайиб, фарзанд кўришдан умидлари узилган кишиларга Оллоҳ таоло Ўз Қудрати ва Изни-Иродаси билан фарзанд ато этгани баён қилинган бўлса, қуйидаги оятларда янада ажиброқ қисса - Ийсо алайҳис-саломнинг мутлақо отасиз дунёга келиши ҳақида ҳикоя қилинади.
“Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) хайрли ишларни қилишга шошар эдилар ва Бизга умид ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат этгувчи эдилар”.
Бу жумлаларда ўрганаётганимиз ушбу Анбиё сурасида зикр қилинган жамийки анбиёлар (Оллоҳ таолонинг элчи-пайғамбарлари) ва бошқа солиҳ бандалар не сабабдан бундай буюк неъматларга сазовор бўлганлари баён қилинади. Албатта бу бежиз эмасдир. Бас, кимда-ким қилган дуолари ижобат бўлишини ва Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳаматига эришишни истаса, ушбу Илоҳий жумлада айтилганидек, доимо хайрли-солиҳ амаллар қилишга шошилсин, Яратганга дуо-илтижо қилар экан, қалбини Унинг Лутфу Марҳаматидан умидворлик ҳамда ғазаб ва азобидан қўрқув бир зум ҳам тарк этмасин, яъни, иймоннинг икки қаноти бўлган хавфу ражо (қўркув ва умид) ҳамиша ҳамроҳи бўлсин ва бутун умри давомида Оллоҳ таолога тавба-тазарруь ҳамда ҳокисорлик билан тоат-ибодат қилиб ҳаёт кечирсин. Ана шунда у инсон Яратганнинг Раҳмат - Марҳаматига эришиши ва ҳар икки дунёда бахтли бўлиши аниқдир.
91. Яна ўз номусини сақлаган аёлни (яъни, Марямни эсланг)! Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва ўша онда у Ийсога ҳомиладор бўлди) ва уни ҳамда ўглини барча оламлар учун бир оят-ибрат қилдик.
Ҳақ таолонинг покдомон чўриси Марям ва у покиза аёлнинг фарзанди Ийсо алайҳимас-салом ҳақидаги Илоҳий қисса ушбу китобимиздан -“Қуръони Азим тафсири”нинг ўн иккинчи китобидан жой олган Марям сурасининг 16-37-оятлари тафсирида батафсил баён қилингани сабабли бу ўринда такрорланмади. Китобнинг 22-40-бетларига мурожаат қилинсин.
92-93. (Эй инсонлар), албатта мана шу сизларнинг миллатингиз - Динингиздир. Аслида у бир Диндир (яъни, Исломдир). Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар! (Лекин мушрик-кофир кимсалар) ишларини (яъни, динларини) ўзаро бўлак-бўлак қилиб олдилар. Барчалари Бизга қайтгувчидирлар.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло барча инсонларга хитоб қилиб, юқоридаги оятларда зикр қилнган жамийки пайғамбарларнинг миллатлари, яъни, динлари ҳам, сўнгги Пайғамбар - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг миллатлари ҳам бир эканлигини, уларнинг барчалари гарчи шариат қонунлари хилма-хил бўлса ҳам, аслида бир динда - Дини Исломда эканликларини таъкидлаб, ҳамма инсонларнинг Парвардигори - Эгаси Ёлғиз Ўзи эканини эслатади ва демак, жамийки инсоният Унинг Ўзига ибодат қилишлари фарзлигини уқтиради. Сўнгра одамларнинг қилган энг катта жиноятлари Оллоҳ таолонинг Ер юзида ҳаёт кечирадиган барча инсонлар учун ягона Дин қилиб туширган Ислом Динини бўлиб-бузиб, бир-бирларига душман тўдаларга айланиб олганлари эканли-гини айтади ва Қиёмат Кунида уларнинг ҳаммалари - Ислом Динида барқарор бўлганлари ҳам, ўзлари ўйлаб топган турли-туман дин ва миллатларга бўлиниб кетганлари ҳам, ҳамма-ҳаммаси Унинг ҳузурига қайтиб боришлари ва ҳар бир инсон ўз қилмишига яраша жазо ёки мукофот олиши аниқ эканини уқтиради.
Ушбу оятлар мазмунини янада яхшироқ англашимиз учун мана бу ояти карима ва унинг тафсирига мурожаат қилайлик: “(Аввалда) одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар. Сўнгра бўлиниб кетдилар. Агар Парвардигорингиз томонидан (яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазолари фақат Қиёматда бўлиши хусусида) Сўз ўтмаганида эди, албатта, талашиб-тортишаётган нарсалари ҳақида уларнинг ўрталарида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, диндан чиққан кимсалар шу дунёдаёқ жазоланган бўлур эдилар)”. (Юнуссураси, 19-оят).
“Тафсири Насафий”да ояти каримадаги “Аввалда, одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар,” жумласи Одам алайҳис-саломдан Нуҳ алайҳис салом замонигача бўлган ўн асрлик муддатда барча инсонлар Ислом Динида эдилар, уларнинг ўртасида ҳеч қандай диний ихтилофлар йўқ эди, кейин бўлиниб кетдилар, деб тафсир қилинган. “Танвийрул-азҳон” тафсирида эса, одамлар Одам алайҳис-салом замони-да ҳаммалари бир миллат - ягона Ислом Динида эдилар, то қачон Одамнинг ўғилларидан Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдириб, Ер юзида биринчи марта инсон қони ноҳақ тўкилганидан кейин, ўртада ихтилофлар чиқиб, одамларнинг айримлари Ҳақ Динда барқарор бўлиб қолдилар, айримлари эса, динсиз бўлиб кетдилар, дейилади. Яна бошқа уламолар мазкур жумлани аввал-у охир барча инсонлар туғилганларида фитратда - тоза динда бўладилар, сўнгра балоғатга етганларидан кейин баъзилари ўша тоза динда қолсалар, бошқалари бўлиниб, ботил динларга кириб кетадилар деб тафсир қиладилар ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: ”Ҳар бир туғилган бола фитратда - Ҳақ Динда туғилади, сўнгра ота-онаси уни ё яҳудий қилиб оладилар, ё насроний қилиб оладилар ёки мажусий килиб оладилар,” деган сўзларини далил қилиб келтирадилар. (“Тафсири Қуртубий”ва “Тафсири Мунийр”китоблари).
Ояти карима мазмунидан маълум бўлганидек, одамлар турли динлар-га бўлиниб кетганларидан кейин уларнинг ўртасида ҳеч тугамайдиган ихтилофлар бошланди. Бас, ҳар ким ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилиб, кўп ҳолларда Оллоҳ таолонинг Ҳақ Йўлида барқарор бўлган мўмин-мусулмонлар ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашдан ожизлик қиладиган, ноҳақ йўллардаги динсиз-кофир кимсалар эса қилмишларига яраша дарҳол жазоланиш ўрнига Ҳақ Йўлдаги мўминларнинг устидан масхара қилиб куладиган бўлдилар. Ҳатто Макка мушриклари Оллоҳ таолонинг Каломини етказган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳам ёлғончига чиқариб ҳақоратлар қилдилар. Албатта бундай ҳолатларда мўминлар яхши баҳосини, ёмон жазосини олмаётганини кўриб ҳайрон қолишлари табиийдир. Ояти каримада Пайғамбар алайҳис-саломга ва барча мўминларга худди мана шу ҳолатнинг сирри - сабаби баён қили-ниб, Ҳақ таоло рўзи азалда, ҳали инсон зотини яратишдан аввал, одамлар ҳаёти дунёда қиладиган амалларининг мукофот - жазосини фақат Қиёмат Кунида олишлари ҳақида Ўз Ҳукмини айтгани, агар ўша Сўз ўтмаганида, Ҳақ Йўлдан бўлиниб ихтилоф қиладиган кимсаларнинг жазолари шу дунёдаёқ нақд қилиниб, ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар беради, Қиёмат Кунида ҳар бир ишнинг ҳисоб-китоби бўлишини айтиб мўминларга таскин тасаллий беради.
Уламолар: “Ояти каримада сўз фақат мўминлар билан кофирлар ўртасидаги ихтилофлар ҳақида эмас, балки уммати Исломдаги Қуръон ва Суннатга оғишмай амал қиладиган мусулмонлар билан Динга бидъат-хурофотларни аралаштириб Исломни ёмонотлиқ қиладиган кимсалар ўртасида бўладиган ихтилофлар ҳақида ҳамдир”, дейдилар. Мусулмонлар ўртасида ҳам турли ихтилофлар бўлиши мумкинлиги ва бундай ҳолатларда мусулмонлар ўзларини қандай тутишлари лозимлиги ҳақида Ирбоз ибн Сория розияллоху анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифда айтилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай таъсирли мавъиза қилдиларки, ундан таъсирланган кўзлар йиғлади, қалбларга кўрқув тушди. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, бу мавъизангиз гўё видолашаётган инсонларнинг сўзига ўхшаяпти. Бизларга қандай васиятингиз бор?” деб сўраган эди, у зоти бобаракот: “Мен сизларга Ёлғиз Оллоҳдан кўрқишни ва гарчи устингизга қул амир қилиб сайланадиган бўлса ҳам, унга кулоқ солиб, итоат этишларингизни васият қиламан. Албатта сизлар мендан кейин кўп ихтилофларни кўришингиз аниқдир. Ана ўшанда барчангиз менинг суннатимни ва Тўғри Йўлда барқарор бўлган халифа-ўринбосарларимнинг (яъни, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумнинг) суннатларини маҳкам ушланглар ва озиқ тишларингиз билан маҳкам тишланглар - ҳеч қачон у суннатлардан ажраманглар”, дедилар. (Абу Довуд ривояти).
94. Бас, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амаллардан қилса, унинг саъй-ҳаракати ҳеч қачон кўмилмас - зоеъ бўлмас - албатта Биз уни ёзиб қўйгувчидирмиз.
Яъни, Оллоҳ таоло мўмин бандасининг қилган бирон яхши амалини кўмиб - йўқ қилиб юбормас, ажр мукофотсиз қўймас. Шунингдек, чин иймон ва ихлос билан қилинган бир зарра миқдоричалик кичик амал ҳам унутилмас, чунки Оллоҳ таолонинг котиблари бўлмиш малоикалар уни ўша банданинг номайи аъмол китобига ёзиб қўюрлар ва Қиёмат Кунида у китоб бирон саҳифаси қолдирилмасдан албатта ўқилур ва қилинган ҳар бир ишнинг ажр-мукофоти берилур. Бу хусусда Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг бошқа оятларида ваъда қилган: “Ким Охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (Охират) учун саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Оллоҳ наздида) ташаккурга лойиқ - мақбул бўлур”. (Ал-Исро сураси, 19-оят). “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз, Биз (улар каби) чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз. Улар учун остларидан дарёлар оқиб турадиган мангу жаннатлар бор бўлиб, улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар билан безанурлар ва ипак-шойилардан бўлган, ям-яшил либослар кийиб, сўриларда ястаниб ўтирурлар. Нақадар яхши мукофот у, нақадар гўзал жой у!” (Қаҳф сурасининг 30-31-оят). “Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман”. (Ол-и Имрон сураси, 195-оят). “Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур”. (Залзала сураси, 7-оят).
95-96-97. Биз ҳалок қилган бирон қишлоқ-шаҳар (аҳли қайта дунёга келиши) ҳаромдир. Аниқки, Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва ҳақ ваъда (яъни, Қиёмат қойим бўлиши) яқинлашган вақтгача улар (яъни, Биз ҳалок қилган кимсалар) қайтмайдилар. Бас, (қачон Қиёмат қойим бўлганида эса), баногоҳ кофир бўлган кимсаларнинг кўзлари қотиб: «Эй, ҳолимизга вой, биз-лар бундай бўлишидан ғафлатда қолибмиз. Йўқ, бизлар (куфру исён билан ўз жонларимизга) жабр қилгувчи бўлибмиз», (деб қолурлар).
Юқоридаги ояти каримада солиҳ амаллар қилган мўминларнинг саъйи ҳаракатлари ҳеч қачон унутилмаслиги, балки ҳар бир амал ёзиб қўйилиши ва Қиёмат Кунида албатта ажр-мукофотга сазовор бўлиши ҳақида хабар берилганидан сўнг, энди ушбу оятларда иймонсизликлари сабабли Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган кофирлар ҳақида ва улар охир-ақибатда қандай мудҳиш аҳволга тушишлари тўғрисида сўз боради. Ҳақ субҳонаху ва таоло аввало Ўзининг ғазабига учраб хароб бўлган қишлоқ-шаҳарлар ҳеч қачон ўнгланмаслиги, уларнинг хароба ва вайроналарга айланишига сабаб бўлган динсиз-иймонсиз кимсалар эса, албатта ҳалок бўлишлари ва то Қиёмат қойим бўлмагунича қайта дунёга келмасликлари ҳақида хабар беради. Ушбу тафсир Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган. (“Ал-Муқтатаф мин-уювнит-тафосийр” китобидан). Ибн Аббосдан ривоят қилинган яна бошқа бир тафсирда эса, куфру исёнлари сабабли Оллоҳнинг ғазабига учраб халок бўлган кимсалар тавба қилишлари ҳаром бўлган, яъни, ҳеч қачон куфрларидан қайтмайдиган, тавба қилмайдиган кимсалардир, шунинг учун Оллоҳ таоло уларни ҳалокатга дучор қилди, дейилади. Демак, аввалги тафсирга кўра кимда-ким ҳаёти дунёда куфр йўлини танлагани учун Оллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлиб ҳалок қилинса, у ҳеч қачон қайта дунёга келиб тавба-тазарруъ қила олмайди. Иккинчи тафсирда айтилишича эса, Оллоҳ таоло қай бир қишлоқ ёки шаҳар аҳлини, яъни, қай бир кимсани ҳалоқ қилган бўлса, уларнинг ҳеч қачон куфрдан қайтмасликлари - тавба қилмасликлари У Зотга аниқ маълум бўлгани учун ҳалок қилгандир.
Албатта, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан уммат донишманди, Қуръон таржимони деб шарафланган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтган ҳар икки тафсир ҳам биз ўкувчиларга ояти карима мазмунини чуқурроқ англашимизда ёрдам берадиган мўътабар шарҳлардир.
Сўнгра Ҳақ таоло ҳамма инсонлар, жумладан Оллоҳ таолонинг ғазабига учраб ҳалок қилинган қишлоқ-шаҳар аҳллари ҳам қайта тириладиган Қиёмат Куни келиши олдида рўй-берадиган оят-аломатлардан бири - Ер юзини қоплаб олиб, оёқлари етган жойни харобага айлантирадиган Яъжуж ва Маъжуж қавми ҳақида хабар беради. Бу қавмлар кимлар, уларни қандай садд - тўғон тўсиб туради, ўша тўғон қачон бузилиб-очилади ва у очилгач, қандай даҳшатли ҳодисалар рўй беради? Буларнинг барчаси хусусида Каҳф сурасининг 94-99-оятларида айтилди ва алақадриҳол тафсир қилиб ўтилди.
Ўрганаётганимиз оятларнинг сўнггисида ўша ваъда қилинган Кун -Қиёмат қойим бўлиши ва у Кунда ҳаёти дунёдан Ҳақ Йўлни кўришни истамасдан кўр бўлиб, Ҳақ Сўзни эшитишни хоҳламасдан кар бўлиб, Ҳақиқатни айтишдан бош тортиб соқов бўлиб ўтган барча кофир-мушрик кимсаларнинг кўзлари бақрайиб очилиб, даҳшатдан қайта юмилмасдан тош қотганича улар: “Энди аниқ халок бўлдик, бизлар Бу Куннинг келишидан ғафлатда эканмиз! Йўқ, бизлар Маъбуди Барҳақ Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига куфр ва ширк йўлини танлаб ўз жонимизга жабр қилибмиз”, деб дод-вой қилиб қолишлари, лекин у Кунда бу афсус-надоматларинингуларга ҳеч қандай фойдаси бўлмаслиги ҳақида хабар берилади.
98. (Эй мушриклар), аниқки, сизлар ҳам, Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннамнинг ўтинидирсизлар. Сизлар албат-та ўша (жаҳаннамга) тушгувчидирсизлар.
Ушбу ва қуйидаги икки оятда Макка мушрикларига хитоб қилинади ва улар ҳамда сиғинаётган бут-санамлари охир-оқибатда нимага айланишлари ва борадиган жойлари қаер эканлиги ҳақида огоҳлантирилади. Лекин Ҳақ таолонинг ушбу сўзлари фақат Макка мушрикларигагина хос бўлмай, балки ҳамма замон ва маконлардаги Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога ибодат қилиш ўрнига ўзлари ўз кўллари билан тош, темир, ёғоч, кесак ва бошқа нарсалардан ясаб олган турли бут-санамларга сиғинадиган барча мушриклар учун умумий бўлган огоҳлантиришдир.
Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин: мушрикларку, Оллоҳ таолога ширк келтирганлари сабабли жаҳаннамга ўтин бўладилар. Лекин улар бут қилиб ясаб олган тош, ёғочларнинг нима айби бор, нега у нарсалар жаҳаннамга ташланадилар? Бу саволга Замахшарий ўзининг Кашшоф номли тафсирида шундай жавоб қилган: “Бу иш мушрикларнинг жаҳаннамдаги азоблари янада зиёда бўлиши учун қилинади. Шунда мушрикларнинг Охиратда бизларни шафоат қиладилар деб сиғинган бутлари уларнинг энг ёмон кўрган нарсаларига айланиб қоладилар”.
99-100. Агар улар (яъни, мушриклар сиғинадиган бутлар) илоҳлар бўлганида унга (яъни, жаҳаннамга) тушмаган бўлур эдилар. (Бу бутлар ва уларга сиғинадиганларнинг) барчалари у жойда мангу қолгувчидирлар. Улар учун у жойда (фақат) дод-фарёд қилиш бордир. Улар у жойда (бирон нарсани) эшитмаслар!
Яъни, агар фаразан мушрик кимсаларнинг сиғиниб дуо-илтижо қиладиган турли-туман бут-санамлари ҳақиқатдан ҳам улар ўйлаганларидек илоҳлар бўлганида эди, ҳеч қачон на у бутлар ва на уларга сиғинадиган мушриклар дўзахга тушмаган бўлар эдилар. Лекин ўша нарсалар ҳеч қандай илоҳлар бўлмаганлари учун ҳам албатта дўзахга тушишлари аниқдир. Энди у сохта маъбудлар ҳам, уларнинг обидлари ҳам жаҳаннамда мангу қолурлар ва бирон лаҳза тўхтамасдан абадий ёнурлар. Ёнганларида ҳам худди ёғоч-кўмирлар ўчокда ёнаётган пайтида азобданми ё қўрқувданми чирсиллаб-қарсиллаб турли овозлар чиқарганидек, у бутларга уларнинг обидлари ҳам жаҳаннамнинг беҳад қаттиқ оловида ёнар эканлар тинмасдан дод-фарёд қилурлар, лекин на уларнинг дод-войларини бирон кимса эшитур ва на уларнинг ўзлари бирон овозни эшита олурлар. Улар ўша жойдаги азобнинг қаттиқлигидан тинимсиз равишда, жуда хунук овозда, худди эшаклар ханграганидек ёқимсиз бўкириб, чинқириб турадилар - динсиз-иймонсиз ҳолда яшаб, ёмон-гуноҳ ишлар қилиб ўтганлари учун Қиёмат Кунида мана шундай чидаб бўлмайдиган азобга гирифтор бўладилар.
Улар дунёдаги ҳаётларида иймон ва солиҳ амаллар билан чин инсоний ҳаёт кечирмаганлари сабабли Охиратда ҳам дўзах азобининг қаттиқлигидан инсонга хос бўлмаган овоз билан дод-фарёд қиладилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу оят тафсирида айтади: “Қачончи дўзахда ўша жойда мангу ёнадиган кофир-мушрикларнинг ўз-ларигина қолганларида, улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида оловдан бўлган тобутларга солинадилар, сўнгра у тобутлар яна бошқа тобутлар ичига солинади, сўнгра уларни оловдан бўлган симлар билан маҳкам боғлаб қўйилади ва ҳар бир оловли тобут бир кишилик ҳибсхона бўлиб, ичидаги ўтини - кофир кимса билан абадул-абад ёнаверади. Унинг ичидаги маҳбус азобнинг қаттиқлигидан тинимсиз дод-фарёд қилади, лекин унинг оҳвойини на бошқа шундай тобутдагилар эшитади ва на у бошқаларнинг дод-фарёдларини эшитади. Шундай қилиб, ҳар бир кофир-мушрик кимса ўзидан бошқа ҳеч кимни кўрмасдан, ёниб-куйиш азоби устига ёлғизлик азоби билан ҳам мангу азобланади”. (“Тафсири Қуртубий”, “Тафсири Бағавий” ва “Танвийрул-азҳон”тпафсирлари).
101-102-103. Албатта қай бир кишилар учун Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба ваъдаси) ўтган эди - ана улар (жаҳаннамдан) узоқ қилингувчидирлар. Улар (жаҳаннамнинг) шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматларда абадий қолгувчидирлар. Уларни Буюк Даҳшат маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: «Мана шу сизларга ваъда қилинган Кундир», (деб) кутиб олурлар.
Юқоридаги оятларда пешоналарига бадбахтлик битилган кофир-мушрик кимсаларнинг Қиёмат Кунида жаҳаннамга - мангу азобга хукм қилинишлари ва у жойдаги мудҳиш аҳволлари тасвирланиб улар қаттиқ огоҳлантирилгач, энди ушбу оятларда Ёлғиз Оллоҳ таолога иймон келтирган ва солиҳ амаллар билан ҳаётларини ўтказган саодатманд киши-ларнинг Охиратдаги ҳаётлари тамоман ўзгача бўлиши ҳақида хабар бери-лади. Ҳақ таоло таъкидлаб айтадики, кимда-ким Унинг тарафидан берилган гўзал ваъдага - жаннат мукофотига лойиқ ҳаёт кечирса, ундай киши-лар албатта ўзларига ваъда қилинган жаннатларга дохил бўладилар ва ўша етти қават осмонларнинг ҳам устида жойлашган бениҳоя гўзал боғ-бўстонларда аввал хаёлларига ҳам келмаган роҳат-фароғатда, кўнгиллари нима истаса ўша онда муҳайё бўлиб, беқиёс Илоҳий неъматларга кўмилиб яшар эканлар, етти қат Ер остида жойлашаган жаҳаннамнинг ғазаб билан ўкириб-бўкиришларидан ва унда қасрлаб ёнаётган “ўтинларнинг” - дўзах аҳлининг дод-войларидан бирон шарпа ҳам эшитмайдилар. Ҳолбуки, ҳадиси шарифда хабар берилганидек, дўзахда куйиб-ёнаётганлар шу қадар даҳшатли ва баланд овоз билан дод-фарёд қиладиларки беш юз йиллик масофага ҳам эшитилиб туради. Демак, тақдирларига гўзал оқибат - Оллоҳ таолонинг Раҳматига сазовор бўлиш ёзилган аҳли жаннат, ояти каримада таъкидланганидек, у жойдаги орому роҳатларига заррача ҳам ғубор етмаслиги учун жаҳаннамдан жуда-жуда узоқ қилинишлари маълум бўлади. Уларнинг мана шундай гўзал оқибатга - жаннатга эришишлари фаришта Исрофил алайҳис-салом иккинчи марта сур чалиб жамийки халойиқ қайта тирилган ва маҳшаргоҳга тўпланган Кунниг ўзидаёқ маълум бўлади. У Кун ҳаётини куфр ва исён билан ўтказган динсиз кимсалар учун ўта қўрқинчли Кундир. Қуръони Карим хабар беришича Қиёмат Кунининг даҳшатини кўрган гўдак бола кўрққанидан бир зумда мункиллаган чолга айланиб қолади: “Бас, агар сизлар кофир бўлсан-гизлар (ўз даҳшати билан) болаларни(нг сочларини оқартириб) чолларга айлантириб қўядиган Кун(нинг азоби)дан қандай сақланурсизлар! У (даҳшатли Кун) сабабли осмон ҳам ёрилгувчидир! (Оллоҳнинг) ваъ-даси амалга ошгувчидир!” (Муззаммил сураси, 17-18-оятлар). Чунки у Кун-да ҳар бир бандани дўзахга ҳукм қилиниш кўрқуви эгаллаб олади (Ҳасани Басрий). У Кунда ўлим бир қўчқор суратида келтирилиб сўйилади ва “эй аҳли жаннат, энди ўлим йўқ, энди мангу роҳатда яшаш бор, эй аҳли дўзах, энди ўлим йўқ, энди мангу азоб-уқубатда яшаш бор”, деб нидо қилинади (Ибн Журайж). У Кунда мангуликка дўзахга ҳукм қилинган кимсалар жа-ҳаннамга киритилиб, унинг қопқоғи ёпилади (Саид ибн Жубайр ва Заҳҳок). Ана ўша даҳшатли Кунда Меҳрибон Оллоҳ таоло Ўзининг саодатманд бандалари қалбидан кўрқув ва ғамни олиб қўяди ва Унинг Раҳмат фаришталари уларни: “Хуш келибсизлар, мана шу Кун сизларга қилган барча тоат-ибодат ва солиҳ амалларингиз учун ажр-мукофотлар берилиши ваъда қилинган Кундир”, деб кутиб оладилар.
Малоикалардан бундай таскинбахш сўзларни эшитган мўминларнинг қалбларидан ғам ташвиш кетиб, Оллоҳ таолонинг Раҳматига эришишларидан умидвор бўлиб турадилар. Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандалирага у Куннинг даҳшатидан омонлик ато этиши ҳақида бошқа бир ояти каримада ҳам эслатган: “Сур чалиниб, Оллоҳ Ўзи хоҳлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва Ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У Зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган Кунни (эсланг)!” (Намл сураси, 87-оят).
104. У Кунда Биз осмонни ҳам худди китобларнинг саҳифаларини йиғиб-тахлаган янглиғ йиғиб, (барча нарсани), биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолда) қайтадан яратурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилгувчидирмиз.
Ушбу ояти каримада ҳам Ҳақ таоло Қиёмат Кунининг ҳар қандай одамни даҳшатга соладиган манзараларини тасвирлашда давом этади ва у Кунда Ер юзида рўй берадиган мудҳиш воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар берганидан кейин энди осмоннинг у Кундаги аҳволи қандай бўлиши хусусида сўзлаб Ернинг томи бўлган ўша осмонни Ўзи Яратган соатида қандай қилиб Ер устига ёйиб тортиб қўйган бўлса, Қиёмат Кунида худди шу тарзда, худди китобларнинг ёйилган-сочилган саҳифаларини бир жойга йиғиб, тахлаб қўйгандек ўша ёйилган осмонни ҳам Ўз Қўли билан ўраб, бир четга йиғиштириб қўйишга ваъда беради. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: “Улар (мушриклар) Оллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун Ер Қиёмат Кунида Унинг қабзасидадир. Осмонлар эса Унинг Қўлида йиғилгандир. У Зот уларнинг ширкларидан Пок ва Юксакдир”. (Зумар сураси, 67-оят).
Шунингдек, ояти каримада Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча халойиқни, жумладан ҳар бир инсонни илк бор қандай йўқдан бор қилган бўлса, айни ўша ҳолда қайтадан яратиб, ҳар бирини ёлғиз-ёлғиз ҳисоб-китоб қилишга ваъда бериб, “Албатта биз (шундай) қилгувчидирмиз”, деб огоҳлантирди. Бу ҳақда бошқа оят ва ҳадисларда ҳам хабар берилган: “Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда, ёлғиз-ёлғиз келдингиз. Биз сизларга берган нарсаларимизни (яъни, мақтанадиган мол-дунёларингизни) ортингизда қолдирибсиз. Сизлар билан бирга ўзингизча Оллоҳга шерик деб гумон қилган - қўлловчиларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Ўрталарингиз узилиб қолибди. Ишониб юрган нарсаларингиз - бутларингиз сизлардан йўқ бўлибди!” (Анъом сураси, 94-оят).
Ушбу ояти карима Ҳақ таолонинг Қиёмат Кунида кофирларга айтадиган Сўзидир. У Куннинг келиши ҳам, бу Сўзнинг айтилиши ҳам жуда аниқ бўлгани учун ўтган замон феълида айтилди. Яъни, эй куфр аҳли, “мана” Бизнинг хузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда - ёлғиз-ёлғиз, яланғоч, ялангоёқ, онадан туғилгандек ҳолатда келдингиз. Биз сизларга берган мол-дунёни, хотинларингизни, болаларингизни, хизматкорларингизни ҳаммасини ташлаб келибсиз, улардан биронтаси сизларга ҳамроҳ бўла олмай қолишаверибди. Ёнларингизда қўлловчиларингиз - бутларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Улар қаёқда қолишди?! Ахир сизлар: “Бут-санамларимиз Оллоҳнинг шериклари, улар Оллоҳ хузурида бизларни шафоат қилиб қўллайдилар”, деб даъво қилар эдинглар-ку! Ўрталарингиз узилиб қолибди-ку! Ишониб юрган бутларингиз сизлар уларнинг ёрдамига роса муҳтож бўлган вақтингизда ғойиб бўлиб қолишибди-ку!”.
Бу Сўз Қиёмат Кунида ҳар бир кофирга айтиладиган Сўздир! Бас, маълум бўладики, у Кунга инсон билан бирга борадиган нарсаси фақат унинг иймони ва солиҳ амалидир. Бунингучун эса ҳаёти дунёда мўмин-мусулмон бўлиб яшаш керак.
Муслим ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Оиша розияллоҳу анҳо Оллоҳтаолонинг: “Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда ёлғиз-ёлғиз, (яланғоч, ялангоёқ, онадан туғилгандек ҳолатда) келдингиз”, деган сўзларини ўқиб: “Ё Расулуллоҳ, қандай уят-а! Эркаг-у аёлларнинг ҳаммаси тўпланиб, бир-бирларини авратини кўриб тураверадиларми?”, деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур”. (Абаса сураси 37-оят). Эркаклар аёлларга, аёллар эркакларга қарамайди. Ҳар бири ўзи билан ўзи машғул бўлиб қолади”, дедилар.
Шунингдек, Охират Кунида мол-мулк ва дунё неъматларининг ҳам ҳеч қандай фойдаси тегмай қолади. “Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласи: “Молим, молим”, дейди. Молингдан сенга фақат еб тугатганинг ёки кийиб эскиртирганинг ёки садақа қилиб қолдирганинг қолади. Ундан бошқаси кетгувчи, сен эса уни тарк этгувчисан”, дедилар.
105. Қасамки, Биз Зикрдан (яъни, Лавҳул-Маҳфуздан) сўнг Забурда: «Албатта Ерга Менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар», деб ёзиб қўйгандирмиз.
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг солиҳ бандалари - Оллоҳ таолонинг Бор ва Бирлигига иймон келтириб, Ёлғиз Унинг Ўзига қуллик қиладиган кишилар учун барча самовий Китобларда берилган буюк Илоҳий муждадир. Биз ўқувчилар ушбу хабарни Қуръони Азимдан ўқиб билмоқдамиз, Қуръон эса, ушбу Илоҳий ваъда аввало барча самовий китобларнинг онаси бўлмиш Лавҳул-Маҳфузда - Ҳақ таоло томонидан дунё ва Охиратдаги барча нарсалар, рўй берадиган барча воқеа-ҳодисалар битиб кўйилган ва ҳамма вақт Оллоҳ таолонинг ҳифзу ҳимояси билан сақланиб турадиган Китобда зикр қилинганидан сўнг Довуд алайҳис-саломга нозил қилинган Забур Китобида ёзиб қўйилганини айтмоқда. Ояти каримада зикр қилинган Ердан мурод, аксари муфассирларнинг айтишларича, жаннат ери бўлиб, унга фақат Оллоҳнинг солиҳ бандалари бўлмиш мўмин-мусулмонлар ворис бўлишлари Оллоҳ таоло томонидан ёзиб қўйилгандир. Мана бу ояти карима ҳам ушбу тафсирни қувватлайди: “Ва «Бизларга ваъдасини рост қилган ва бизларни бу (жаннат) ерига ворис қилган ҳамда жаннатдан ўзимиз хоҳлаган тарафда жой-ўрин олишимизга (муваффақ қилган) Оллоҳга ҳамду сано бўлсин», дерлар. Бас, (чиройли) амал қилгувчи зотларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши-дир!”. (Зумар сураси, 74-оят).
Шунингдек, ушбу тафсир юқоридаги оятларда зикр қилинган Охират мавзусига мувофиқ келиши билан ҳам мўътабардир.
Лекин айрим уламолар ўрганаётганимиз ояти каримада Ер лафзи мутлақ зикр қилинганидан бу ўринда сўз инсонлар ҳаёти дунёда яшайдиган мана шу Ер ҳақида бормоқда, Оллоҳ таоло бутун Ер юзи охир-оқибат мерос бўлиб мусулмонлар қўлига ўтиши аниқ экани ҳақида хабар бермоқда, дейдиларки, бу ҳам албатта мўътабар тафсирдир. Чунки бошқа оятларда ҳам бу хусусда ваъдалар бордир: “(Фиръавннинг сўзларидан даҳшатга тушиб қолганларида) Мусо қавмига деди: «Оллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилингиз! Бу Ер шак-шубҳасиз, Оллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники (Оллоҳдан қўрққанларники) бўлур”. (Аъроф сураси, 128-оят). “Оллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (Ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек уларни ҳам Ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) Динини ғолиб-мус-таҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас, улар итоатсиз кимсалардир”. (Нур сураси, 55-оят).
Бу оятда биз икки нуктага эътибор қилишимиз лозим, биринчиси, Оллоҳ таоло сизларни Ер юзига Мен халифа қиламан, сизлар ўзингиз халифалик қура олмайсизлар, деб, Ер юзига халифа - хукмрон қилиш Ёлгиз Ўзининг Қўлида эканлиги ҳақида огоҳлантиради. Иккинчидан, сизлар иймон келтирсангиз ва яхши амаллар қилсангизгина Мен сизларни Ерда халифа - ҳукмрон қиламан, деб ваъда беради.
106. Албатта, ушбу (Қуръонда) ибодат қилгувчи қавм учун етарли (панд-насиҳат) бордир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло таъкид билан жуда катта ва ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган бир Ҳақиқатни айтади - албатта ушбу Буюк Илоҳий Эслатма бўлмиш Қуръони Каримда ҳар бир инсон учун ва жамийки инсонийят учун дунё ва Охиратда улар муҳтож бўладиган ҳамма нарса ҳақида - шахсий ҳаёт ҳақида ҳам, оилавий ҳаёт ҳақида ҳам, ижтимоий ҳаёт ҳақида ҳам, эътиқод ҳақида ҳам, ибодат ҳақида ҳам, одамлар билан қилинадиган муомалот ҳақида ҳам, ҳақиқий бахт нима эканлиги ва ҳақиқий бахтсизлик нима эканлиги ҳақида ҳам, умумиятла олганда дунё ва Охиратда рўй берадиган барча-барча воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳам бошқа ҳеч қан-дай китобдан топиб бўлмайдиган етарли ва етук панд-насиҳатлар ҳамда жуда зарур эслатма-кўрсатмалар жамлангандир. Демак, ушбу Китобни яхши ўқиб ўрганган ҳар бир инсон албатта Тўғри Йўлни топади, саволларга энг тўғри жавобларни олади ва уни ҳеч ким адаштира олмайди, у ўзининг ҳаёт йўлида барқарор ва собитқадам бўлади. Фақат бунинг бир ўта муҳим шарти бор - у инсон ушбу Китобни фақат бир маълумотлар хазинаси деб ўқимаслиги керак, балки аввало ушбу Китобнинг Каломул-лоҳ эканлигига иймон келтириши, унинг кўрсатмаларига оғишмай амал қилиши, яъни, ушбу Китобнинг Эгасига - Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилгувчи ва Каломуллоҳни инсониятга етказган буюк Элчига Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат этгувчи мўмин-мусулмон қавмдан бўлиши шартдир. Чунки ибодатсиз қавмнинг қалби ушбу Қуръондаги эслатма ва ибратларни англашга лойиқ эмасдир.
107. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), дарҳақиқат, Биз Сизни барча оламларга фақат Раҳмат (яъни, Оллоҳнинг Раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг барча оламларга ва хусусан инсоният оламига ато этган энг улуғ Илоҳий Марҳамати Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламни Ўзининг сўнгги Элчиси қилиб юборганидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръон, у зот жорий қилган Шариати Исломийя албатта биринчи навбатда мўминлар учун ҳар икки дунёда улуғ Илоҳий Раҳмат-Марҳаматдир. Чунки ким у зотга иймон келтирса ва итоат этса, у инсон дунёда ҳам, Охиратда ҳам Оллоҳнинг Раҳматига эришади. Шунингдек, Пайғамбар алайҳис-салом ҳатто у зотга иймон келтирмаган кимсалар учун ҳам мана шу дунёдаги бир Илоҳий Марҳаматдир. Чунки у зотнинг шарофатлари билан улардан азоб ортга сурилиб туради, қирғин-баротга дучор бўлмасдан ҳаёт кечирадилар ва фақат Охират диёрида қилмишларига яраша дўзах азобига гирифтор қилинадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламнинг ўзлари: “Албатта мен сизларга ҳадя қилинган Илоҳий Раҳматдирман”, деганлар”. (“Тафсири Бағавий”дан).
108. Айтинг: «Менга сизларнинг Илоҳингиз Ёлғиз ОллоҳнингЎзи экани ваҳий қилинмоқда. Энди (Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканига) таслим қиларсизлар?!”.
Яъни, Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз қавмингизга шундай деб айтинг: “Албатта мен ҳам худди сизларга ўхшаган башар авлодиданман, фаришта эмасман ёки бирон илоҳий сифатга эга эмасман. Мен фақат Оллоҳ таоло менга билдирган нарсанигина билурман. Сизлардан менинг биргина фарқим - Оллоҳ таоло мени Ўзининг Элчиси қилиб танлади ва менга ваҳий қилмоқдаки, сизларнинг Илоҳингиз бирон тенги ва шериги бўлмаган Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Демак, сизлар фақат ана ўша Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога ибодат қилишларингиз фарздир.
Бас, эй мушриклар, сизлар, мана шу сўзларимни эшитганларингиздан ва ҳақиқатдан хабардор бўлганларингиздан кейин энди Оллоҳ таолонинг ҳеч қандай шериги йўқлигига, У Танҳо Илоҳ эканлигига ва сизларнинг сиғинаётган бутларингиз ҳеч қандай илоҳлар эмаслигига таслим бўларсизлар?!
Ояти карима ниҳоясидаги мана шу “Энди таслим бўларсизлар?!” деган савол, аслида “Энди таслим бўлинглар ва мусулмонлар қаторига киринглар!” деган буйруқдан ҳам шиддатлироқ Буйруқ эди. Чунки Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ экани, Унинг ҳеч қандай шериги йўқлиги ва ҳеч қачон бўлмаслиги ҳақида хабар берган оятлар нафақат Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, балки у зотдан аввал юборилган барча пайғамбарларга ҳам ваҳий қилинган эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳис-салом мушрикларга хитоб қилиб гўё: “Мана, мендан илгари ўтган ҳамма пайғамбарларга нозил бўлган “Илоҳларингиз Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзидир”, деган ваҳий менга ҳам ваҳий қилинди ва мен сизларга етказиб турибман. Бас, агар сизларнинг ақл ва инсофларингиз бўлса, энди таслим бўларсизлар?!”, дедилар.
109. Бас, агар энди ҳам юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Мен сизларнинг (барчангизга) баробар (ҳеч кимни айирмай ўзимга нозил бўлган ваҳийни) эшиттирдим. Сизларга ваъда қилинаётган (Оллоҳнинг азоби) яқин ё йироқлигини эса мен билмасман”.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз келтирган шунча оят-далиллардан кейин ҳам агар мушриклар иймон келтириш ўрнига Сизни ёлғончи қилишда давом этаверадиган бўлсалар, у ҳолда уларга: “Менинг қилган амалим - Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийни инсонларга етказиш, кофирларни дўзах азобидан огоҳлантириш, мўминларга жаннат хушхабарини етказиш, Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилиш каби амалларим - меникидир, Оллоҳтаоло Қиёмат Кунида мени ўша амалларим билан ҳисоб-китоб қилиб, менга ўша амалларим учун жазо-мукофот ато қилади.
Сизларнинг Ҳақ Йўлни тарк этиб, нотўғри йўлни танлаш, Танҳо Маъбуд бўлмиш Оллоҳ таолога турли жонли-жонсиз махлуқларни шерик қилиш ва бузғунчилик қилиш каби амалларингиз эса сизларникидир, Оллоҳ таоло сизларни Қиёмат Кунида ўша амалларингиз билан ҳисоб-китоб қилиб, албатта, қилмишларингизга яраша жазоларингизни беради. Сизлар мен учун жавобгар эмассизлар, мен сизлар учун жавобгар эмасман. Сизларга ваъда қилинаётган (Оллоҳнинг азоби) яқин ё йироқлигини эса, мен билмасман”, деб айтиб қўйинг.
110. “Албатта У Зот сўздан ошкора айтилганини ҳам билур, сизлар беркитадиган нарсаларни ҳам билур”.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсонларга Ўзининг ғайбу шаҳодатни Билгувчи эканини шарҳлаб Ёлғиз УнингЎзига хос бўлган, бошқа ҳеч кимда топилиши мумкин бўлмаган бир Сифатини баён қилади - У тенгсиз Юксак ва Буюк Зот ўтмиш ва келажакни ҳам худди ҳозирни билгани каби билиб турганидек, инсонлар сўзларини яширадиларми, ўзларини яширадиларми, уларнинг ўзларигагина маълум бўлган бу сирлари Оллоҳ таоло учун худди уларнинг ошкора айтадиган сўзлари ва бошқалар гувоҳлигида қиладиган ишлари каби аниқ маълумдир. Яъни, У Зотдан ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч нарсани яшира олмайди.
Ушбу оятнинг мазмуни ҳақида тафаккур қилган киши Оллоҳ таолонинг Илми бениҳоя кенг ва теран эканини, У ҳамма нарсани кўриб-кузатиб тургувчи эканини англайди ва ўзининг қиладиган жамийки амаллари Яратганга маълум эканига яна бир бор аниқ ишонч ҳосил қилади. Ҳатто заррачалик, балки ундан-да кичикроқ бўлган нарсалар ҳам Оллоҳ таолога аниқ маълум эканини билган мўмин албатта ҳаётининг ҳар бир нафасида - танҳо ҳолида ҳам, одамлар орасида ҳам қўлидан келганича яхши амаллар қилишга, гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлишга ҳаракат қилади. Динсиз кимсалар эса, то бошларига Оллоҳ таолонинг азоби тушмагунича куфр ва ғафлатларида юраверадилар.
111. “Мен билмайман, эҳтимол у, (яъни, азоб соатининг таъхирга ташланиши) сизлар учун бир алдов-синов ва бир оз вақтгача (ажалларингиз етиб ўлгунингизгача) фойдаланишдир».
Яъни, эй мушриклар, мен билмадим, эҳтимол сизларга куфр ва исёнларингиз учун нақд жазо берилмаётгани сизларнинг яна қандай амаллар қилишларингизни синаш учундир ва озгина вақт - аниқ белгилаб кўйилган ажалларингиз етгунича ҳаёти дунё матоларидан фойдаланиб қолишларингиз учундир.
Мен буни билмайман. Лекин ушбу синов, фойдаланиш абадий эмаслиги ва тез кунда тугаши, кейин сизлар қилмишларингизга яраша Оллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлишларингиз аниқдир. Бас, сизлар бугун мўл-кўлчиликда, бой-бадавлат ҳаёт кечираётганларингизга алданиб, Охират борлигини унутиб, эртага вақт ўтганидан кейин афсус-надоматлар қилиб қолманглар!
Анъом сурасида келган мана бу оят ўрганаётганимиз ояти кариманинг энг гўзал тафсиридир: “Энди - қачонки улар ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, Биз уларни тўсатдан (азоб билан) ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар”. (Анъом сураси, 44-оят).
“(Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шод-хуррам бўлдилар, ҳолбуки, бу ҳаёти дунё Охират олдида фақат бир арзимас матодир”. (Раъд сураси, 26-оят).
Яъни, динсиз кимсаларнинг барчаси ҳаёт фақат мана шу ҳаёти дунёдан иборат деб ўйлайдилар, ҳақиқий ҳаёт Охират ҳаёти эканини тан олмайдилар - билмайдилар. Шунинг учун улар ўзларининг бор ақл-фаросатларини ва куч-қувватларини фақат бугун - мана шу дунёдаги ҳаётда роҳат билан яшашга сарфлайдилар, аммо эрта - Охират ҳақида мутлақо ўйламайдилар ва мана шу ўткинчи дунёда орзу-ҳавасларидан биронтаси рўёбга чиқадиган бўлса, бас, ўзларини энг бахтли инсон санаб, ҳаддан зиёд севинадилар, ғурурланадилар. Ҳолбуки, бу ҳаёти дунё ва ундаги бор ҳою-ҳаваслар Охират ҳаёти ва ундаги туганмас неъматлар олдида гўё озгина ишлатиб, фойдаланиб, сўнгра ташлаб юбориладиган арзимас матодан ўзга нарса эмасдир. Аҳмад, Муслим ва Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу дунё Охират олдида гўё бировингиз бир бармоғини денгизга солибоқ қайта олганига ўхшайди. Кўрсинчи, бу бармоқ денгиздан қанча сув билан қайтган экан”, дедилар ва кўрсатгич бармоқларини кўрсатдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир бўйра устида ухладилар. Ўринларидан турганларида ёнбошларида бўйра изи бор эди. Биз: “Ё Расулуллоҳ, Сизга бир юмшоқ кўрпача солиб берсак бўлар экан”, деган эдик, “Мен дунё матоҳини нима қиламан? Бу дунёдаги менинг ҳолим дарахт соясида бир зум тўхтаб нафас ростлаб, сўнгра уни тарк этиб ўз йўлига кетган отлиқнинг ҳолидан ўзга эмасдир”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
112.(Муҳаммад алайҳис-салом) айтди: “Парвардигорим, Ўзинг Ҳақ ҳукмингни қилгин. Бизнинг Парвардигоримиз - (эй мушриклар), сизлар сўзлаётган бу нарса (яъни, “Оллоҳнинг шериклари бор”, деб қиkаётган туҳматларингиз) устида мадад сўраладиган Раҳмондир”.
Сурайи карима ниҳоясида Ҳақ таоло Ўзининг севикли Элчиси Хдзрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўзларини эслатади. Мушрик-кофир кимсаларнинг Ҳақ Сўзга қулоқ солмаётганларидан, Ҳақ Йўлга юрмаётганларидан, балки ҳали мажнун деб, ҳали сеҳргар деб, ҳали шоир деб тинмасдан ҳақоратлар қилаётганларидан бениҳоя озурдадил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг иймон келтиришларидан тамоман умидлари узилиб, Оллоҳ таолонинг Амри билан шундай дуо-илтижо қилдилар: “Парвардигор, Сен Ўзинг Ҳақ Ҳукминг билан мен ва мени ёлғончи қилаётган бу қавм ўртасини ажрим қилиб бергин. Чунки Ёлғиз Сенинг Сўзинг Ҳақ, Ўзинг Ҳақ, бандаларингга берган Ваъданг Ҳақ, қиладиган ҳар бир Ҳукминг Ҳақдир. Сен Ҳақсан ва Ҳақни севурсан”.
Сўнгра мушрик қавмга хитоб қилиб дедилар: “Бизнинг Парвардигоримиз сизлар сифатлаётган бўҳтон ва туҳматлар устида мадад сўралгувчи Раҳмон - Меҳрибон Оллоҳдир. Сизларнинг: “Оллоҳнинг шериклари бор, ўғил-қизлари бор, ёрдамчилари бор”, деб қилаётган туҳматларингиз, “Муҳаммад шоир, сеҳргар, Қуръон бўлса, бир шеър”, деб сўзлаётган ёлғонларингиз, “Яқинда биз албатта ғалаба қозониб, шаъну шавкатга эга бўламиз”, деб қилаётган дағдағаларингиз устидан Меҳрибон Парвардигоримизнинг Ўзига шикоят қиламиз, Ўзининг Ҳақ Ҳукмини жорий қилишини сўраб ялиниб-ёлворамиз”.
Албатта Меҳрибон Парвардигор севикли Элчиси қилган ушбу дуони ижобат қилди ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Ўзининг Ҳақ Ҳукми билан Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилган мушрик қавмнинг катталарини Бадр жангида шармандали ҳалокатга дучор қилди.
Ушбу ояти карима бизга - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг барча умматларига душман билан тўқнашиб қолган пайтда барча ишни Оллоҳ таолонинг Ҳақ Ҳукмига ҳавола қилиб, Унинг Ўзига таваккул билан иш кўришни ва бошга мушкилот тушган вақтда Ёлғиз Меҳрибонимиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзидан мадад сўрашни таълим берадиган Буюк Дарсдир.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Анбиё сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.