(Мадинада нозил бўлган, 11 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Осмонлардаги ва Ердаги (бор) нарса (мутлақ) Подшоҳ, (нуқсонлардан) Пок, Қудратли ва Ҳикматли Аллоҳга тасбеҳ айтур.
Аллоҳ таоло оятда [юсаббиҳуллоҳа] - «Аллоҳга тасбеҳ айтади» демай, [юсаббиҳу лиллаҳи] - «Аллоҳ учун тасбеҳ айтади» тарзида, (исмни қаратқич келишигида бў-лишини талаб қилувчи [лам] ҳарфи билан) зикр қилди. Лекин одамлар орасида [юсаббиҳу] феъли одатда [лам] ҳарфисиз ишлатилади, масалан, [субҳаналлоҳи] - «Аллоҳ таоло покдир» ва [субҳана раббиял азийм] - «Буюк Раббим покдир» каби.
Инсонларнинг сўзлашув тилидаги одатига кўра, мазкур жумла: [Юсаббиҳуллоҳа маа фис самавоти ва маа фил арди] деб ўқилиши керак эди. [юсаббиҳу] калимаси [лам] предлоги билан ҳам, усиз ҳам қўлланиши мумкин. Худди [шакароҳу] ва [шакаро лаҳу] - «У Зотга шукр қилди» ҳамда [насоҳаҳу] ва [насоҳа лаҳу] - «Унга насиҳат қилди» сўзлари каби.
Тасбеҳнинг уч хил кўриниши бор: биринчиси, хилқат тасбеҳи. Сиз агар ҳар бир нарсага ишора қилиб, алоҳида эътибор билан назар солсангиз, унинг жавҳари ҳамда хилқати сизни Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти, Унинг (бошқа нарсаларга) ўхшашликдан олийлиги, барча айбу нуқсонлардан пок эканлигини англаш сари бошлайди. Мана шу барча нарсанинг У Зотга тасбеҳидир.
Иккинчиси, маърифат тасбеҳи. У Аллоҳ таоло Ўз лутфи билан ҳар бир нарсада Уни таниб, (айбу нуқсонлардан) поклаши учун маърифат ҳақиқатини яратиши шаклида бўлади. Гарчи бунга бизнинг ақлимиз етмаса ҳам. Эътибор берсангиз, айнн шу маъно қуйидаги оятда ўз исботини топган:
«Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбех антур. Лекин сизлар уларнинг тасбеҳларини англамай -(Исро сураси, 44-оят).
Лекин бу бизнинг (қарашимиз)ча, унда ҳаёт (тириклик)нин: ўзига хос бир турини пайдо қилиш билан бўлади. Зеро, маърифат тирикликсиз юзага чиқмайди.
Учинчиси, зарурат ва талқин тасбеҳи. Унинг кўриниши шуки, Аллоҳ таоло тасбеҳни маърифат ҳақиқатисиз ўша жавҳарда жорий қилиб қўяди. Худди У Зот Узининг оят-аломатларини маърифат ҳақиқати бўлмаса-да, Мусо алайҳиссаломнинг асо (ҳасса)сида намоён қилгани ёки кемани сув юзасида суздириб қўйгани каби. Бу ҳам барча нарсанинг тасбеҳидир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг слш) [ал-Малик] - (мутлақ) Подшоҳ» деган сўзи подшоҳларнинг ўзлари ва мулкларининг ҳам эгаси бўлган Подшоҳ ёки ҳақиқатда мулк (ва подшоҳлик) Уники бўлган Зот деган маънони билдиради. Аллоҳ азза ва жалланинг [ал-Қуддус] - «(нуқсонлардан) Пок» деган сўзининг икки хил таъвили бор. Биринчиси, ҳар қандай айб, офат ва ҳожат (эҳтиёж)дан пок Зот. Ёки булардан бошқасининг эҳтимолидан ҳам пок бўлган Зот. Иккинчиси, Муборак, яъни ҳар қандай барака ва яхшиликка У ила эришиладиган Зот маъносида. «Муборак» сўзида айблардан поклик ҳамда барака маънолари жамланиши мумкин. Чунки сиз У Зотни ҳар қандай айбдан пок деб сифатласангиз, Унга барча хайр-баракани нисбат берган бўласиз. Худди ҳадисда: «Субҳаналлоҳ» мезоннинг ярмини, «Алҳамдулиллаҳ» эса барчасини тўлдиради»(Имом Аҳмад ривояти.), дея ривоят қилинганидек. Бизнинг наздимизда у иккисининг маъноси бундай, «Субҳаналлоҳ» У Зотнинг айблардан поклигига хос бўлса, «Алҳамдулиллаҳ» айблардан поклаб зикр этиш ва барча неъматлар У Зотга тегишли эканини ифодалайди. Агар унда ҳар иккала маъно мужассам бўлса, у билан мезон тўлиши жоиздир. «Субҳаналлоҳ» У Зотни айблардан пок деб танишга хосланиб, шунинг ўзи билангина чегаралангани учун мезон (тарози)нинг ярмини банд қилган. Валлоҳу аълам! Шунингдек, бу фарқ Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида ҳам бор:
«Эй қавмим! Муқаддас ер (Байтул-Мақдис)га кирингиз» (Моида сураси, 21-оят).
Аллоҳ азза ва жалланинг [ал-Азиз, ал-Ҳаким] - «Қудратли ва Ҳикматли» деган сўзи «ғолиб ва ҳукмини ўтказувчи, ҳеч нарса уни ожиз қолдирмайдиган Зот» маъносини билдиради. Ёки [ал-Азиз] сўзи «хор»нинг зидди бўлиши мумкин. «Хор» сўзи ҳар қандай фақирлик, муҳтожлик ва заифликни ўз ичига олади. Демак, [ал-Азиз] унинг зидди ва муқобили экан, ҳар қандай шараф, икром, бойлик-беҳожатлик ва кувватни қамраб олиши керак бўлади. Тавфиқ Аллоҳдандир!
[ал-Ҳаким] сўзига келсак, уламолар бу сифат ҳакида: «Ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўювчи», деганлар. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани жой-жойига қўяди. Чунки Унинг Узи ўша жойларни нарсаларнинг ўринлари қилиб белгилаган. Бошқалар ҳам нарсаларни Аллоҳ таоло белгилаган (ҳақиқий) ўрнига қўйса. ҳаким - ҳикмат эгаси дейилади. Ёки [ал-Ҳаким] тадбирда хато қилмайдиган, маъносини билдиради. Шунингдек, бу сўз барча нарсани тўғри, хатосиз амалга оширувчи маъносини ҳам англатади. Валлоҳу аълам!
2. У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган. уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайгамбарни (Муҳаммадни) юборган Зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар.
Аҳли китоблар ушбу оятни бизга қарши гўё бир ҳужжат килиб, Аллоҳ таоло Муҳаммад (алайҳиссалом)ни уммий-саводсиз (араб)ларнинг ўзларигагина пайғамбар этиб юборган, дейдилар. Улар оятни пайғамбар юборилиши билан фақат саводсиз(араб)лар хосланган, бу эса (даъват) бошқаларга тегишли эмаслигини тақозо этади, деб тушунганлар.
Лекин биз айтамизки, оят унинг зоҳирида зикр қилинганлардан бошқа маъноларни ўз ичига олмайди, деб тушунилмаслик лозим. Балки ундан бошқаларни истисно қилмасдан, зоҳири тушунилади. Хослаб тилга олиш (бошқаларни) инкор этишни билдирмайди. Чунки (бир нарсани) айнан зикр этиш ундан бошқасини рад этиш деб талқин қилинса, бу нотўғри ва ножоиз нарсаларга олиб боради. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига эътибор беринг:
«Сиз илгари бирор китобни тиловат қилувчи эмас эдингиз ва ўнг қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз» (Анкабут сураси, 48-оят).
Бу оятдан у зот алайҳиссалом ўнг қўллари билан эмас, чап қўллари билан ёзганлари тушунилмайди. Ёки Аллоҳ азза ва жалланинг «...тиловат қилувчи эмас эдингиз...» деган сўзидан ўзлари тиловат қилмас, балки у зотга кимдир тиловат қиларди, деган маъно тушунилмайди.
Лекин буларнинг барчасининг маъноси шуки - валлоҳу аълам - Аллоҳ таоло Узининг ўқиш-ёзишни билмайдиган Пайғамбарини на ҳикмат ва на унинг нималигини билмайдиган саводсиз қавмига юборди. Буни у зот рисолатининг белгиси ва нубувватининг ҳужжати қилди. Чунки ёзишни билмайдиган, китоб ўқий олмайдиган саводи йўқ инсоннинг аҳли китобларнинг китобларига мувофиқ келувчи Китобни олиб келишининг ўзиёқ у зот алайҳиссаломнинг буларни ваҳий орқали билганларига, ўзлари тўқиб чиқармаганларига далил бўлади. Валлоҳу аълам!
У зотнинг бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилганига Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи далилдир:
«...барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда (пайғамбар қилиб) юбордик...» (Сабаъ сураси, 28-оят).
Яна у зот ўзларининг ҳадисларида: «Мен қизил ва қора(лар)га пайгамбар этиб юборилдим»(Имом Аҳмад ва Муслим ривояти.), деганлар. Яъни жинлар ва инсонларга юборилдим, деган маънода. Аллоҳ таолога итоат ва ибодат қилиши учун бир тоифага юборилган эканлар, у зотдан сўнг бошқа пайғамбар келмаслиги, у зотнинг ўша тоифадан бошқаларига ҳам юборилганларига далил бўлади. Чунки пайғамбари бўлмаса, бошқа тоифа ҳам буйруқ ва қайтариқларни, Раҳмонга тоатни билиш борасида худди пайғамбар юборилган тоифа каби зарурат сезади. Бу эса у зот алайҳиссаломнинг жамики башариятга юборилган Пайғамбар эканларига далолат қилади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...ўзларидан бўлган (бир) Пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган...» деган сўзи маъноси шуки, Аллоҳ таоло у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни саводсиз, Аллоҳга ибодат қилишни ҳам, китоб ўқишни ҳам билмайдиган, балки одатлари бут-санамларга сиғиниш бўлган қавмга пайғамбар қилиб юборди.[ал-уммиййуна] -«саводсизлар» сўзининг таъвилида: «Улар китобларга имон келтирмаган одамлар», дейилган. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидаги каби:
«Сўнгра, аҳли китоблар ва (китоб берилмаган) саводснз (мушрик араб)лардан: «Исломга кирдингизми?» - деб сўранг» (Оли Имрон сураси, 20-оят). Гўё Аллоҳ таоло: «У (Муҳаммад алайҳиссалом) китобларга имон келтирмаган қавмга юборилган», дегандек. Лекин аслида бундай эмас. Чунки Аллоҳ таоло Набийси (алайҳиссалом)ни ушбу сўзи ила «уммий» - ўқиш ва ёзишни ўрганмаган(«Уммий» сўзининг ўзбек тилидаги сўзма-сўз таржимаси «саводсиз» маъносини англатса-да, халқимиз орасида аксар ҳолатларда мазкур сўз камситиш ва ҳақорат маъносида қўлланади. Шу эътибордан «уммий» сўзи Пайғамбаримиз алайҳиссаломга «ўқиш ва ёзишни ўрганмаган» тарзида нисбат берилмокда.) деган:
«Уммий элчига - исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайгамбарга (Муҳаммадга)...» (Аъроф сураси, 157-оят). У (араб)ларни «уммийлар» деб номлашининг сабаби шуки, улар ёппасига китоб ўқишни ва ёзишни билмаганлар. Уқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам «уммий» - «ўқиш ва ёзишни ўрганмаган» деб аталганлар. Зеро, у зот ёзишни, китоб ўқишни ўрганмаган эдилар. Аллоҳ таоло айтади:
«Сиз илгари бирор китобни тиловат қилувчи эмас эдингиз ва ўнг қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз» (Анкабут сураси, 48-оят).
Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ой мана шундай, мана шундай»(Имом Муслим ривояти.) деб бармоқлари билан ишора қилганлар. У зот алайҳиссалом: «Биз уисобни, ёзишни билмайдиган саводсиз умматмиз»(Имом Аҳмад ва Бухорий ривояти.), деганлар. Зажжож айтади: «Уммий деб ўқиш-ёзишни яхши билмайдиган, таълим олмаган ва онасидан туғилганида қандай бўлса, ўша ҳолатда қолган одамга айтилади. Онасидан туғилгандаги ҳолатига нисбат берилди. Чунки инсон ўқиш ва ёзишни таълим орқалигина ўзлаштиради. Онадан туғилгач ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди.
Саводсиз инсонга пайғамбарлик берилишидаги ҳикмат шуки, бу унинг пайғамбарлигини билиш сабаби, расуллигининг аломатидир. Натижада ўзидан тўқиб чиқармагани маълум бўлади. Зеро, Расулуллоҳ ёзиш, ўқишни билмас, таълим олиш учун бирор инсон ҳузурига борган эмасдилар. Кейин Аллоҳ таоло барча донишмандларни у зотнинг ҳикматига ва барча аҳли китобни назми ва тузилиши гўзал Китоби (Қуръони карим)ни билишга муҳтож қилди. У зот бу мақомга ваҳий ва пайғамбарлик орқали ноил бўлганларини одамлар билишлари учун ана шундай қилинган эди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган...» деган иборасидаги «оятлар» сўзи «аломатлар» маъносини билдиради. Гўё Аллоҳ таоло: «У китобда рисолатини баён қилувчи ва нубувватини изҳор қилувчи аломатларни тиловат қилади», дегандек. Ёки «оятлар» ҳалол-ҳаром ва шунга ўхшаш маънода бўлиши мумкин. Ёки «оятлар» улар ила ҳақ намоён бўладиган ҳужжат-далиллар ҳам бўлиши жоиз. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган...» деган сўзини баъзи муфассирлар «уларни ислоҳ қиладиган», деб таъвил қилганлар. Яъни уларни пок ва тақводор бўлишга даъват этадиган Пайғамбарни юборди. Ёки «...уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган...» ояти «уларни ширк нопоклиги, ёмон хулқлар, ёмон сўз ва ишлардан узок қиладиган» деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «...ҳамда уларга Китоб ва Ҳикмат (ҳадис)ни ўргатадиган...» деган сўзи борасида муфассирлар турли фикрлар билдирганлар. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: «Бу бир маънодаги иккита сўз. Китоб ва ҳикмат эса битта нарса». деган. Абу Бакр Асом эса: «Китоб тиловат қилинадиган оятлар. ҳикмат эса фарзлардир», деган. Баъзилар: «Ҳикмат суннатдир. чунки у зот алайҳиссалом уларга (Китобнинг) оятларини тиловат қилиб, суннатини эса ё Аллоҳ таолонинг лутфи, у зотга берган илҳоми ёки ваҳий ила ўргатар эдилар», деган. Айрим муфассирлар: «Ҳикмат амал қилинадиган тўғри сўздир», деган. Яна бошқалари: «Китоб лафзан тиловат қилинадиган оятлар.
ҳикмат эса унга жо қилинган маънолардир», деганлар. Қайси бири тўғри эканини Аллоҳ билгувчироқдир.
Аллоҳ таолонинг «Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар», деган сўзининг маъноси шуки, ҳақиқатан, улар Китоб ва ҳикматдан йироқ ва очиқ-ойдин залолатда эдилар. Чунки улар бутларга сиғинувчи мушриклар эди, уларда китоб йўқ эди. Ҳикматни ҳам билмас эдилар. Аллоҳ таолонинг «Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар», деган сўзи «Улар ширк келтирган ва бутларга сиғинган ҳолатда эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом уларни Аллоҳнинг тавҳидига ва бутларга ибодат қилишни тарк этишга даъват қилдилар», деган маънода бўлиши мумкин.
Фақиҳ (раҳимаҳуллоҳ) Аллоҳ таолонинг «...ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (ҳадис)ни ўргатадиган...» деган сўзи ҳақида айтади: «Аллоҳ таолонинг уларни саводсиз, жоҳил ва эсипаст бўлганларидан сўнг тақводор, закий ва олим қилиб қўйиши у зот алайҳиссалом динининг ҳақлиги, бошқа динлардан устунлиги белгиси ва далилидир. Чунки бошқа дин вакиллари бундай эмасдилар. Бунда бошқаларнинг олим ва ҳикмат соҳиблари бўлишларига тарғиб бор. У Зотнинг «уларга ...ўргатадиган...» деган сўзи уларга илмни Аллоҳ таоло берган деган маънода. Чунки улар олдин жоҳил эдилар, сўнг олим бўлдилар, эсипаст эдилар, доно бўлдилар, нопок ва жирканч, бутпараст эдилар, сўнг уларни покиза инсонларга айлантирди. Бу эса Аллоҳ таолонинг лутф-марҳаматидандир.
Ушбу феълларнинг Аллоҳ таолога нисбат берилиши ҳақиқатан пайдо қилиш маъносида. Пайғамбар алайҳиссаломга нисбат берилиши эса у зот сабабчи бўлганликлари эътиборидандир. Буни шундай тушуниш керак, яъни Аллоҳ таоло бировга илм берса, у олим бўлмаслиги мумкин эмас. Чунки Унинг илм бериши Узи хоҳлаган ўринда илмни яратишидир. У хоҳлаган ва яратган нарса амалга ошмаслигининг имкони йўқ. Аммо Пайғамбар алайҳиссалом инсонга таълим берса, у ўрганмаслиги мумкин. Чунки у зотнинг ўргатишлари (сабаблардан бир) сабаб билан бўлади. Чунки у зотда яратиш ва вужудга келтириш имкони йўқ. Демак, алоқадорлик сабаб жиҳатдан экани собит бўлди. Тавфиқ Аллохдандир!
3. (Аллоҳ уни) яна улардан бошқаларга - уларга етиша олмаганларга (дунёга кейин келадиган инсонларга) ҳам (юборди). У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир.
[ахорийна] жар (қаратқич келишиги) маъносида бўлса, у Аллоҳ таолонинг:
«У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган (бир) пайгамбарни (Муҳаммадни) юборган Зотдир» деган сўзининг тугалловчи давоми бўлади. «(Аллоҳ уни) яна улардан бошқаларга - уларга етиша олмаганларга (дунёга кейин келадиган инсонларга) ҳам (юборди)». Бунда Набий алайҳиссалом рисолатлари охирзамонга қадар давом этишини маълум қилиш бор. Агар унинг маъноси насб (тушум келишиги)да бўлса, «...ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (ҳадис)ни ўргатадиган...» деган сўзига боғланган ҳолда, унинг давоми бўлади. Бунда кейингилар орасидан ҳам аввалгиларда бўлганидек, уламолар, тақводорлар ва ҳукамолар чиқиши ҳақида хушхабар берилган. Муфассирларнинг баъзилари: «Бу мунофиқлар ҳақида бўлиши ҳам мумкин», деганлар. Бунда унинг маъноси шундай бўлади: «У Зот саводсизларга бир пайғамбар юборди. Улар зоҳиран ва ботинан ҳақиқий мўмин бўлиб, уламолар. ҳукамоларга айланишади. Ана ўша саводсизлардан бошқалар эса зоҳиран имон келтириб, ботинан уларга қўшилганлари йўқ (имон келтирмадилар)». Биринчи таъвил тўғрироқ ва ҳақиқатга яқинроқ.
Аллоҳ таолонинг [ва ҳувал Азиз] - «У Азиз (қудратли)» деган сўзи ҳар бир инсонда Узига нисбатан хорлик ва мухтожлик белгисини яратган, маъносидадир. [Ал-Ҳакийм] - «Ҳаким (ҳикматли)дир» сўзи эса ҳар бир иши ва буйруғи ҳикматдан иборат. Уларга нима амр қилган бўлса, ҳикмат билан амр қилган, деган маънода. Ёки тадбирида ҳикматли, деган маънода. Яъни ҳар бир яратган нарсасида Узининг ваҳдонияти ва уни бошқаришига далолат қилувчи аломатни жо қилган. Ёки ҳар бир нарсани такдир қилишда ҳикматлидир, деган маънодадир. Зеро, бир-бирига муқобил нарсалар - нур ва зулмат, тун ва кунни яратди. У ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйди. Зулматни нур, нурни зулмат билан, тунни кун, кунни эса тун билан аралаштириб, бирининг ўрнига бошқасини алмаштириб қўймади.
4. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир.
Оятдаги «фазл» сўзидан мурод нубувват ва рисолатдир. «...уни Ўзи хоҳлаган кишиларга берур». Яъни инсонлардан нубувват ва рисолатга муносибини яратади. Ёки «Бу Аллоҳнинг фазлидир», яъни Китоб ва ҳикматни ўргатиш фазилатини Аллоҳ хоҳлаган бандасига беради.
Бу (оят)да мўътазилийларнинг гапи ёлғон эканига далил бор. Чунки улар: «Аллоҳ таоло ҳеч кимга Ўз фазлидан бирор нарса бермайди, балки бу Унинг зиммасидаги мажбурият», дейдилар. Агар бу Аллоҳ таоло бажариши лозим бўлган мажбурият бўлса, ўз мажбуриятини бажарган «фазл» сифати билан сифатланмайди. Аллоҳ таоло эса Ўзини «фазл» сифати билан сифатлади. Бу билан мўътазилийларнинг ёлғони собит бўлади. Тавфиқ Аллохдандир!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир», деган сўзи дунёда буюк фазл соҳибидир, деган маънодадир. Чунки уларга Китоб ва ҳикмат бериб, лутф-марҳамат кўрсатди. Бундан олдин улар жоҳил эдилар. Ёки Аллоҳ таоло уларга Ўз фазли билан амалларининг мукофоти ўлароқ жаннатни ато этгани учун бу (фазл) охиратда бўлиши ҳам мумкин. [ал-ъазийму] сўзи доимий ва боқий маъносини билдиради. Валлоҳу аълам!
5. Таврот юклатилган (берилган), сўнгра уни кўтармаган (унга амал қилмаган) кимсаларнинг мисоли худди китобларни ортиб кетаётган эшакка ўхшайди. Аллоҳнинг оятларини инкор этган кишиларнинг мисоли нақадар ёмондир. Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят этмас.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Таврот юклатилган (берилган), сўнгра уни кўтармаган (унга амал қилмаган) кимсаларнинг мисоли...» деган сўзининг бир неча таъвили бор. Биринчиси, бу амалга нисбатан бўлиши мумкин. Яъни уларга Таврот (ҳукмлари)га амал қилиш юклатилган (буюрилган), аммо улар унга амал қилмаганлар.
Иккинчиси, «...сўнгра уни кўтармаган...», яъни қандай бўлса худди шундай етказиш буюрилган кишиларга (омонатдорлик билан) етказмадилар. Чунки улар ўзгартирдилар, алмаштирдилар.
Унинг таъвили яна шундай бўлиши ҳам мумкин - валлоҳу аълам - улар Тавротни ёлғонга чиқариб, ундан бош тортиб, инкор қилдилар, ундан манфаат олмадилар. Демак, уларнинг мисоли китоблар юкланган, уларнинг қадрини, аҳамиятини билмайдиган эшакка ўхшайди. Улар, худди Аллоҳ таоло айтганидек «...мисоли худди китобларни ортиб кетаётган эшакка ўхшайди». Чунки улар Тавротни билсалар-да, уни ҳақикий улуғламай, ундаги (ҳукмлар)ни ёлғонга чиқарган вақтларида гўёки унинг қадрини ҳам, муҳимлигини ҳам билмагандек бўлдилар. Шу тариқа улар бир талай китобларни устига ортиб олган, аммо уларнинг қадри ва шарафини билмаган эшакка ўхшаб қолдилар. Бу таъвил (ҳақиқатга) яқинроқдир. Чунки ушбу оят давомида Аллоҳ таоло шундай деган:
«Аллоҳнинг оятларини инкор этган кишиларнинг мисоли нақадар ёмондир». Демак, биринчисининг маъноси ёлғонга чиқариш экани собит бўлди. Валлоҳу аълам!
Маълумки, ёлғонга чиқариш ва ўзгартириш уларнинг катталари, бошлиқларининг ишидир. Аллоҳ таоло ёлғонга чиқариб, оятларнинг қадрига етмаганларини хабар берди. Уларнинг мақсадлари ўзларига эргашганларни қайтариш эди. Шунингдек, У Зот уларнинг пешволари эргашишга ҳақли эмаслигини баён қилмоқда. Бунда Аллоҳнинг Китоби ва ундаги ҳукмларни енгил санашдан мусулмонларни қайтариш бор. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳнинг оятларини инкор этган кишиларнинг мисоли нақадар ёмондир», деган сўзининг икки хил маъноси бор. Биринчиси, ёлғончиликда Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиш даражасига етган кимсаларнинг сифати қандай ҳам ёмондир. Чунки ёлғончи одам (оддий) бандалар орасида ёмон дея сифатланади. Қачонки, унинг ёлғончилиги Аллоҳ таолога нисбатан ҳам ёлғон тўқиш даражасигача борса, ёмонликнинг энг юқори чўққисига чиққани маълум бўлади. Гўёки У Зот: «Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиганларнинг сифати ёмонлик ва қабиҳликнинг энг чўққисидадир», демоқда. «Аллоҳнинг оятларини инкор этган кишиларнинг мисоли нақадар ёмондир». Чунки Аллоҳ таоло мушрикларга нисбатан барча хунук ва қабиҳ ўхшатишларни, мўминларга эса барча гўзал ва яхши ўхшатишларни мисол қилиб зикр этди. [ал-масал] - «ўхшатиш»дир. Аллоҳ таоло оятларини ёлғонга чиқарувчиларга хунук ўхшатиш берган.
Ушбу оятда хунук ва гўзал, ёмон ва яхши, барчасини Аллоҳ таоло яратганига далил бор. Чунки У Зот «Аллоҳнинг оятларини инкор этган кишиларнинг мисоли нақадар ёмондир», деди. Уларни ўхшатган ўша мисол ҳам Аллоҳ яратган нарса бўлиб, уни «нақадар ёмон», деб атади. Демак, Аллоҳ таоло хунук ва гўзал, ёмон ва яхши - барчасини яратгани собит бўлди. Мўътазилийлар наздида Аллоҳ таоло фақат яхши нарсани яратади. Оят уларга қарши ҳужжатдир.
Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят этмас», деган сўзининг икки хил таъвили бор. Биринчиси, зулм ва фосиқликни ихтиёр этган вақтларида золим қавмни ҳидоятга бошламайди. Ёки оятларга зулм қилиб, уларга нисбатан ўзларини катта олганлари ва қайсарликлари боис уларни ҳидоят этмайди. У ана шундайларни ҳидоятга йўлламайди. Аммо билмасдан зулм ёки фосиқлик қилган, сўнг тўғри йўлни ахтарганларни У ҳидоятга бошлайди ва тўғри йўлга йўллайди. Валлоҳу аълам!
6. «(Эй Муҳаммад!) Айтинг: «Эй яҳудий бўлганлар! Агар сизлар (бошқа) одамларни эмас, фақат ўзларингизни Аллоҳнинг дўстлари деб даъво қилсангиз - агар (шу даъволарингизда) ростгўй бўлсангиз - ўлимни орзу қилингизчи!»
Аллоҳ азза ва жалла бошқа бир оятда шундай деган:
«Айтинг (эй Муҳаммад!): «Агар Аллоҳ ҳузурида охират диёри (жаннат) бошқа одамларга эмас, фақат сизларга хос бўлса ва (бу даъволарингизда) ростгўй бўлсангиз, (унга эришиш учун тезроқ) ўлишни орзу қилингиз!»» (Бақара сураси, 94-оят)
Бу оятда ким Аллоҳнинг дўстларидан бўлса, Аллоҳ ҳузурида унга охират диёри хос экани, ким фақат охират диёрини истаса. демак, у Аллоҳнинг дўстларидан эканининг баёни бор. Буларнинг иккисига ҳам эришиш жоиздир. Валлоҳу аълам!
[ал-мубоҳала] - бир-бирини лаънатлашга чақириш. ўжарлик ва қайсарлик авжига чиққанда ҳужжатлашиш экани маълум. Уларга барча ҳужжатлар келтирилса ҳам, қабул қилмагач, Аллоҳ таоло мубоҳалага буюрган. Яҳудий ва насронийлар у зот билан мубоҳала қилмаганлар. Чунки уларнинг китобида бу мубоҳала ҳужжатлашишнинг энг охирги нуқтаси, кимки мубоҳала қилса (бир-бирини лаънатласа)-ю, ҳақ бўлмаса, унга азоб ва лаънат тушиши ҳақида хабар келган бўлиши мумкин. Шу сабабли улар мубоҳаладан бош тортишган. Араб мушрикларида эса мубоҳаланинг ҳукмини биладиган китоблар бўлмаган, шу сабабли улар мубоҳала қилганлар. Абу Жаҳлнинг: «Ё Аллоҳ! Ичимиздан Узингга севимли, энг меҳмоннавоз ва энг кўп силаи раҳм қилувчимизга ғалаба бер», дегани ривоят қилинган. Аллоҳ таоло Уз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга ғалаба ато этди. Абу Жаҳл мубоҳала қилди, чунки унда (бу ҳақда хабар берувчи) китоб йўқ эди. Яҳудий ва насронийларнинг эса китоблари бўлиб, мубоҳала ҳукмини билганлари учун ундан бош тортдилар. Валлоҳу аълам!
7. Қўллари (билан) қилиб қўйган ишлари (Тавротга хилоф қилмишлари) сабабли ҳеч қачон (ўлимни) орзу қила олмаслар. Аллоҳ золимларни билувчидир.
Ушбу оят Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларига далолат қилади. Чунки у зот алайҳиссалом буни ўзлари ичларидан тўқиб гапирганларида у (аҳли китоб) лар у зотнинг ёлғони фош бўлиши учун ўша заҳоти ўлимни орзу қилган бўлардилар. Аллоҳ таоло улар ўлимни ҳаргиз орзу қилмасликларини хабар бергач, чиндан ҳам уни орзу қилмаганларини билганлари у зотнинг айтганлари ваҳий эканлигини билдиради. Чунки улар буни билгандилар. Агар орзу қилсалар, ўлишлари аниқлигини билганлари учун ҳалокатдан қўрқиб, ўлимни орзу қилмадилар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Қўллари (билан) қилиб қўйган ишлари сабабли...», деган сўзи Таврот ва Инжилни ўзгартиришларидир. Чунки насронийларнинг:
«Биз Аллоҳнинг ўғиллари ва ҳабибларимиз» (Моида сураси, 18-оят) деган сўзлари Инжилда бўлмаган.
Яҳудийларнинг:
«Жаннатга фақат яҳудий бўлганлар киради» (Бақара сураси, 111-оят) деган сўзлари ҳам Тавротда бўлмаган.
Лекин улар (Таврот ва Инжилни) ўзгартириб, алмаштирдилар. Ушбу оятларни ўзгартириб, (бошқасига) алмаштирганлари, Муҳаммад алайҳиссаломнинг (Таврот ва Инжилда келган) сифатларини ўзгартирганлари сабабли ўлимни орзу қилмайдилар. Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ золимларни билувчидир», деган сўзи «Аллоҳ таоло зулм билан оятларни ўзгартириб, уларга беписандлик билан муносабатда бўлганларини ва ўжарликларини билувчидир», маъносини англатади.
8. «Айтинг: «Сизлар қочаётган ўлим, албатта, сиз-ларга йўлиқувчидир! Сўнгра сизлар яширин ва ошкора нарсаларни билувчи зотга (Аллоҳга) қайтарилурсиз. Бас, (У) сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур»».
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Айтинг: «Сизлар қочаётган ўлим, албатта, сизларга йўлиқувчидир!»» сўзи «Таврот ва Инжилни ўзгартирганингиз учун сизлар қочаётган ўлим, ундан ҳарчанд қочманг, барибир сизларга йўлиқиши муқаррардир». деган маънода. Бунда уларга «Қочаётган нарсангиздан қайтинг. яъни ўлимдан қочолмайсиз» деган эслатма бор.
Аллоҳ таолонинг: «Сўнгра сизлар яширин ва ошкора нарсаларни билувчи Зотга (Аллоҳга) қайтарилурсиз» сўзи «Сизлар Таврот ва Инжилдан халойиққа ошкор қилган нарсангизни ҳам.
одамлардан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сифатлари ва бошқа яширган нарсангизни ҳам билувчи Зотга қайтарилурсиз», деган маънода. Ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғонга чиқарганингизни ичингизда сақлаб, сир тутганингизни, заифларингиз ва издошларингизни эса у зотга эргашишдан очиқчасига қайтарганингизни билувчи Зотга қайтарилурсиз.
Аллоҳ таолонинг «Бас, (У) сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур», деган сўзи «Қиёмат куни ўз китоб (номаи аъмол)ингизда қилган қилмишларингизни очиқ-ойдин ўқиб оласиз. Ёки қилган ишларингиз хабарини жазо ёки мукофот шаклида беради, яхшиликка яхшилик, ёмонликка ёмонлик бўлади, деган маънодадир. Ёрдам сўралувчи Зот Аллоҳдир!
9. Эй имон келтирганлар! Қачонки, жумъа кунидаги намозга (азон) чақирилса, дарҳол Аллоҳнинг зикри сари (имом хутбасини тинглаш учун) ҳаракатга тушингиз ва савдо-сотиқни тарк қилингиз! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (иш) ўзларингиз учун яхшидир.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Эй имон келтирганлар! Қачонки, жумъа кунидаги намозга (азон) чақирилса, дарҳол Аллоҳнинг зикри сари (имом хутбасини тинглаш учун) ҳаракатга тушингиз», деган сўзидаги «ҳаракатга тушиш»нинг икки хил маъноси бор. Биринчиси, сизларга буюрилган амал томон ҳаракат қилинг ва уни адо этиш учун боринг! Иккинчиси, юраётганда чаққонроқ ҳаракат қилинг ва тезлашинг. Чунки
[ас-саъй] сўзи юришга нисбатан ишлатилса, тез юриш маъносида, амалларга нисбатан қўлланилса, амалга ошириш учун интилиш ва шошилиш маъносида бўлади. Агар оятда унинг юришга нисбатан маъноси назарда тутилган бўлса, огоҳлантириш ва тезлаштириш маъносини ифодалайди. Аллоҳ таолонинг: «...ва савдо-сотиқни тарк қилингиз!», деган сўзига эътибор беринг. Қандай қилиб савдо-сотиқни тарк этишга буюриши мумкин? Ахир юриб кетаётган ҳолатда ҳам олди-сотди қилиш мумкин-ку. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалинг» (Жума сураси, 10-оят) деган сўзига ҳам аҳамият қаратинг. Қандай қилиб фарзни адо этиш ҳақида бирор нарса зикр қилинмасдан, уни тугатганидан сўнг, ерда тарқалишга амр қилиниши мумкин? Агар ундан тарғиб маъноси ирода қилинган бўлса, намоз томон югуришга буюрган бўлар эди. Демак, ушбу маънолар оятнинг огоҳланти-ришга далолат қилишини кўрсатади. Бошқа фарз намозларда шошилиш мандуб эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай деганлар: «Агар намозга келсангиз, бас, унга югуриб эмас, (оуиста) юриб келинглар. Сакинат ва виқорни лозим тутинглар. Етган (ракъат)ингизни ўкрнг, қолганини ўтанг (етказиб олинг)лар»(Имом Аҳмад ва Насоий ривояти.). Бу ўринда жума намози (вақтни) тор олиш ила хосланган. Бошқа намозларда кенг олиш бор. Лекин [саъй] - «тез ҳаракат қилиш»дан мурод адо этишга киришиш, унга шайланиш ва шошилишдир. У мана шу маънода ишлатилган. Аллоҳ таоло айтади:
«Кимки охиратни истаса ва мўминлик ҳолида (унга муносиб) саъй-ҳаракат қилса...» (Исро сураси, 19-оят).
«Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур. Унинг қилган саъйи (ҳаракати) яқинда (қиёматда) кўринур» (Нажм сураси, 39-40-оятлар). Ушбу оятларда [саъй] сўзидан амал ирода қилинган. Шунингдек, Умар, Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Ибн Зубайр (розияллоҳу анҳум) (ушбу оятни) [фамду ила зикриллаҳи] - «Аллоҳнинг зикрига боринглар», деб кироат килганлар. Ҳатто Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): «Агар у (оят)нинг қироати [фасъав] бўлганида, ридойим тушиб кетганига ҳам парво қилмасдан, жума намозининг ҳаккини зое қилишдан қўрқиб, у томон югурган бўлар эдим», деган. Биринчи таъвил мазкур саҳобалар наздида жума намозига тез юриб боришга эмас, унга интилиш ва шошилишга далолат қилади. Чунки бу бошқа намозларда ҳам югуриш мустаҳаб эмаслигига мувофиқдир. Валлоҳу аълам!
Сакинат ва виқор ила намозга бориш ҳақида келган ҳадис эса мутлақ бўлиб, унда жума ва бошқа намозлар ажратилмаган. Фуқаҳолар жума намозига бораётган киши ўзининг одатий юришида боришига ижмо қилганлар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...ва савдо-сотиқни тарк қилингиз!» деган сўзига келсак, баъзи уламолар жума вақтида савдо-сотиқ қилса, ушбу оятга кўра, савдоси жоиз эмаслигини айтганлар. Бизнинг наздимизда эса бу жоиз, лекин макруҳдир. Бунинг жоизлигига далолат қиладиган нарса шуки, ушбу оятда олди-сотдидан қайтариш олди-сотдининг ўзига тегишли эмас, жума намозига тегишли. Агар бузилиш бўлса, савдода эмас намозда бўлади. Чунки кимдир намозда савдо қилса, савдо намозни бузади, намоз эса савдони бузмайди. Бизнинг наздимизда асл (қоида) шуки, ҳар бир ақд-келишув бошқа нарса сабабли ман қилинса, нуқсон ақд-келишувда эмас, ўша нарсанинг ўзида пайдо бўлади. Набий алайҳиссаломдан ушбу ривоят ҳам ана шу маънода: «Эҳромдаги (одам) никоҳ қилмайди ва унга никоҳ қилинмайди»(Имом Аҳмад, Муслим ва Термизий ривояти.). Никохдан қайтариш никоҳнинг ўзига эмас, балки эҳромга тегишли бўлади. Шу сабабли биз: «Эҳромдаги одамнинг никоҳи жоиз, аммо агар ўша никоҳда (аёли билан) қўшилса, ҳажи бузилади», деймиз. Агар қайтариқ ўша акд-келишувнинг ўзи учун бўлмаса, ақднинг бузилиши тўғри бўлмайди. Чунки қайтариқ ақд учун эмасдир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло: «Дарҳол Аллоҳнинг зикри сари ҳаракатга тушингиз», деган. «Жумага», «жума учун» демаган. Бундан жумадан олдин зикр борлиги, уни эшитиш ва унга шошилиш кераклиги келиб чиқади. Шунингдек, бу хутбанинг фарз эканига ҳам далолат қилади. Аллоҳ таолонинг «Аллоҳнинг зикри сари...» деган сўзидаги «зикр»дан мақсад хутбадир. Сўнг ушбу зикр томон ҳаракат қилиш ва тинглаш учун савдони тарк этишга буюрди. Бундан хутба вақтида гапириш макруҳлиги, имом хутба қилиш учун чиққанида ҳам гапириш макруҳлиги собит бўлди. Чунки ўша вақтда савдо-сотиқ қилиш макруҳ, савдо-сотиқ эса гаплашишдир. Бу ўз навбатида, ҳар бир гап макруҳлигига далолат қилади. Шунингдек, бу имом хутбага чиқиб, то намозни тугатгунча сукут қилиш лозимлиги ҳақида Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳаби тўғри эканига ҳам далилдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шу маънода ҳадис ворид бўлган. У зот шундай деганлар: «Ким жумага келиб, сўнг ўқиганича намоз ўқиса, кейин имом (хутбага) чиққандан то намозини тугатгунга қадар сукут қилса, бу унинг учун жумадан (кейинги) жумагача ва ундан кейин яна уч кунлик (гуноқлари) учун каффорат бўлади». Имом хутбага чиққандан бошлаб, намоздан фориғ бўлгунча сукут сақлашни талаб қилганларидан мана шу вақтда гапириш макруҳ экани собит бўлди. Валлоҳу аълам!
Ушбу оят «Намоз охирги вақтда фарз бўлади, ким уни аввалги вақтида адо этса, нафл бўлади. Чунки Аллоҳ таоло азон айтилган вақтда бандани ҳаракат қилишга амр этган ва фарз қилган», деб даъво қилувчиларнинг гаплари ёлғон эканини кўрсатади. Чунки, ўша вақтда, яъни имом намозни кечиктириши мумкин бўлган маҳалда ҳам шуни таъкидлади. Бу эса уларнинг сўзлари ёлғон эканига далилдир. Валлоҳу аълам!
Бундан ҳам ёмони шуки, улар: «Намозлар кофирларга, улар кофир бўлган ҳолларида ҳам фарздир, мусулмонларга эса ихтиёрийдир», деганларнинг гапидир. Улар яна бундай гапларни ҳам айтадилар: «Бу умматдан бирортаси фарзни адо қилмаган, чунки уларнинг ҳеч биридан намозни адо қилишда бепарво бўлиб, то унинг вакти чиқиб кетишидан қўрққани ривоят қилинмаган». Бу қабиҳ сўз бўлиб, уни айтган шу ва шунга ўхшаш гаплари учун тавба қилдирилиши лозим. Валлоҳу аълам!
Бу оятда имомдан икки фарсах узокда бўлган кишига жума вожиб бўлмаслигига далил бор, чунки У Зот азондан сўнг жума намозига ҳаракат қилишга буюрган. Маълумки, икки фарсах узоқликда бўлган одам боргунча жуманинг вақти чиқиб кетади, унга ета олмайди. Бу билан ўшандан кам масофада бўлган кишиларга фарз бўлиши собит бўлди. У эса шаҳар чегарасида бўлишидир. Валлоҳу аълам!
Жума куни савдо-сотиқ қилишдан қайтарилган вақт Масруқ (раҳимаҳуллоҳ) ва бир гуруҳ уламолар томонидан келтирилган ривоятга кўра, завол вақтидан имом жума намозидан фориғ бўлгунгачадир. Мужоҳид ва Зуҳрий (раҳимаҳумаллоҳ)дан шундай ривоят келтирилган: ««Қачонки, жума кунидаги намозга (азон) чақирилса...» (Жумъа сураси, 9-оят) оятининг зоҳирига амал қилган ҳолда азондан кейин савдони тўхтатади».
Биринчиси тўғрироқдир, сабаби жумага вақти кирганда ҳозир бўлиш лозим. У эса агар азон кечикса ҳам, қуёшнинг заволидан кейинги вақтдир. Заволдан олдинги азон эътиборли эмас, унинг бори ҳам, йўғи ҳам бир хилдир.
10. Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз.
Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзи ҳақида у зот (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Бу зоҳиран буйруқ маъносидадир, лекин бизнинг наздимизда у мубоҳлик ҳукмида. Чунки бу қайтариш ортидан келган амрдир». Улар наздида иттифоқ қилинган қоида шуки, қайтариқ ортидан келган амр мубоҳлик ҳукмида бўлади. Мубохдик (рухсат) ҳукмида бўлган нарса ҳолатга қараб ўзгаради. Агар ҳолат унинг фарзлигини тақозо қилса, у фарз, вожиблигини тақозо қилса, вожиб, одобни тақозо қилса, у одоб (ҳукмида) бўлади. Ман қилиш ортидан келган ҳар бир амр мубоҳлик ҳукмида бўлишига Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари далилдир:
«Ҳалол (қилинган ҳолат)га чиққанларингизда эса, ов қилаверингиз» (Моида сураси, 2-оят).
«Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз)» (Бақара сураси, 222-оят). Бу тарк қилиш жоиз бўлмаган амр маъносига йўйилмайди, балки (юқоридаги оятда) ов қилиш мубоҳлигини билдиради. Яъни «Хоҳласангиз, ов қилаверинг», «Истасангиз, уларга келаверинг (қовушаверинг)», деган маънони англатади. Аллоҳ таолонинг «Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалинг» деган сўзи маъноси ҳам шу тарзда бўлиши мумкин. Агар буйруқ шу йўсинда бўлса, У Зот гўё: «Қачонки, азон чақирилган (жума) намози адо қилинса, хоҳласангиз ёки истасангиз, ерда тарқалинг», демоқда. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз!» деган сўзи тижорат ва касбкорни билдиради. Савдо-сотиқ Аллоҳнинг фазлини исташ қаторига киряпти. У Зот рухсат ва мутлақ баён қилиш ўрнида «Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз!» деди. Қайтарганида эса: «Ва савдо-сотиқни тарк қилингиз!» деди. Агар у иккисидан ҳам савдо-сотиқ нфазл талаб килиш савдо-сотиқни ҳам, бошқасини ҳам ўз ичига олади ва «Аллоҳнинг фазлини талаб қилишни тарк этинг», дейиш тўғри бўлмайди. Қайтариш ўрнида эса қайтариқ хос бўлиши учун: «Ва савдо-сотиқни тарк қилингиз!» деди. Аммо рухсат ва мутлақ баён қилиш савдо-сотиққа ҳам, бошқасига ҳам тўғри келаверади. Шу боис У Зот: «Аллоҳнинг фазли (ризқи) дан истайверингиз!» деди. Аллоҳ ёрдам сўралувчи Зотдир!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳни кўп ёд этингиз!» деган сўзи икки хил маънода бўлиши мумкин. Биринчиси, «Аллоҳни тилларингиз ва қалбларингиз ила кўп ёд этинглар!» Иккинчиси, «Аллоҳни зикр этиш юзага чиқадиган ибодатларга интилиш ила Аллоҳни ёд этинглар!» У Зотнинг: «Шояд (шунда) нажот топсангиз», деган сўзининг ҳам бир неча маънолари бор. Биринчиси, нажот топиш умидида (Аллоҳни кўп зикр қилинглар). Иккинчиси, нажот топишингиз учун (Аллоҳни кўп зикр қилинглар). Учинчиси, шу ишни кимда-ким қилса, нажот топиши муқаррар. Чунки [лаъалла] - «шоядки», [ъасаа] - «қанийди», «кошки» сўзлари Аллоҳ таолодан бўлса, вожиб маъносида, деганлар.
11. Қачонки, улар бирор тижоратни ёки беҳуда ишни кўриб қолсалар, у томонга тарқалиб кетиб, Сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк этурлар. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (мукофотлар) беҳуда ишдан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир. Аллоҳ ризқ берувчиларнинг яхшисидир».
Аллоҳ таолонинг «Қачонки, улар бирор тижоратни ёки беҳуда ишни кўриб қолсалар, у томонга тарқалиб кетиб, Сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк этурлар» деган сўзи тафсирига келсак, тижорат ва беҳуда иш ҳақиқатда кўзга кўринмайди, аммо беҳуда иш қилувчи ҳамда тожир кўзга кўринади. Беҳуда иш у билан шуғулланувчига, тижорат эса тожир
азарда тутилган бўлса, «Аллоҳнинг фазли (савдо-сотиқ)ни талаб қилишни тарк этинг» дейиш хунук бўлади. Чунки билан ўзаро боғлиқ бўлгани учун «кўриш» сўзи зикр қилинган. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин» (Тавба сураси, 6-оят). Бу худди «Фалончининг гапини эшитдим», деганга ўхшайди. Гап ҳақиқатда эшитилмайди, балки у гап тушуниладиган овоз эшитилади. Лекин бу ўринда иккиси бир-бирига боғлиқ бўлгани учун «эшитиш» сўзи келган. Валлоҳу аълам!
Бунинг маъноси - валлоҳу аълам - айнан кўз билан кўриш эмас, бизнингча, унинг маъноси илм - билишдир. Гўё У Зот: «Агар улар (беҳуда иш ва тижоратни) билиб қолсалар, сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк этурлар)», демокда. Чунки улар тижоратни кўрмайдилар, балки уларга унинг хабари етказилади ва шундан биладилар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...у томонга тарқалиб кетиб...» деган сўзи (тафсирига келсак), У Зот иккита нарсани зикр қилган-у, лекин: «Иккиси томонга», демаган. Иккиси (тижорат ва беҳуда иш)дан кейинги замир ҳар иккаласига эмас, балки уларнинг бирига тегишли бўлди. Шундай бўлиши жоиз. Аллоҳ таолонинг:
«Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уни (Аллоҳ йўлида) сарф қилмайдиганларга...» (Тавба сураси, 34-оят), деган сўзида ҳам худди шундай келган. Замир зикр қилинган нарсаларнинг барчасига тегишли бўлиши учун «иккисини (Аллоҳ йўлида) сарф қилмайдиганларга», демаган. Аллоҳ таолонинг:
«(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас» (Бақара сураси, 45-оят) деган сўзи ҳам ана шундай таъбир қилинган. Замир зикр қилинган ҳар икки нарса (сабр ва намоз)га эмас, улардан бирига тегишли бўлди. Бу (биз тафсир қилаётган оят) ҳам шундай. Чунки уларнинг чиқишдан мақсадлари беҳуда иш эмас, тижорат бўлган. Лекин улар ўзларига олиб келинаётган тижорат карвонини ана ўша беҳуда нарсаларнинг овозидан билишар эди. Шу маънода лағв-беҳуда иш зикр қилинган бўлиши мумкин. Кўзланган мақсад эса тижорат. Аллоҳ таолонинг «...уни (Аллоҳ йўлида) сарф қилмайдиганларга...» деган сўзи ҳам шундай. Инфоқ ҳақини чиқаришда, одатда инфоқ қилиш осон ва енгил бўлган нарса зикр қилинган. У эса кумушдир. Аслида, ҳар иккиси (олтин ва кумуш)да ҳам белгиланган ҳақни адо этиш вожиб. Лекин асосий мақсад камбағалларга сарф қилишдир. Бу оятда шу эътибордан зикр қилинган. Аммо намозга хосланиб, замир унга қайтиши яҳудийларга унинг оғирлиги боисидандир. Чунки аввал Байтул Мақдис томон қибла эди. Қачонки у Каъба томон ўзгарганда, у томонга қараб намоз ўқиш кофирларга оғир бўлди. Шунда Аллоҳ таоло:
«Албатта, бу (ўз қибласини ўзгартириш) Аллоҳ ҳидоят этган кишилардан ўзгалар учун оғир ишдир» (Бақара сураси, 143-оят), деган. Яъни уларга Каъбага қараб намоз ўқиш оғир бўлди. Валлоҳу аълам!
Агар: «Хутба қилаётганларида асҳоблари қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ташлаб, беҳуда иш ва тижорат учун ўзларини урадилар? Ахир улар Расулуллоҳни чексиз улуғлар, эъзозлар эдилар-ку, деб сўрасалар ёки бир сўқир киши масжидга келиб, чуқурга тушиб кетганида, уларнинг кулганлари ҳақидаги савол ҳам худди шундай саволлардан бири эди.
Бунинг жавоби шуки, ўшанда одамлар Исломга янги кирган давр эди. Улар энг қолоқ ва оми эдилар. Хутба қилувчинининг ҳам, хутбанинг ҳам қадрини билишмас эди. Уша тижорат (карвони)дан кўп манфаат умид қилишаётган, агар тезроқ ҳаракат қилмасалар, қўлдан кетиб қолиши мумкин бўлган. Улар масжиддан хутба ва хутба қилувчининг ҳақини билмаганлари сабабли чиқиб кетишган. Кейин, улар қавмнинг улуғлари бўлишмаган. Улар хутба ва хутба қилувчининг ҳаққини билиш учун қавмнинг улуғлари билан ҳамроҳ ва суҳбатдош бўлган кишилар ҳам эмасдилар. Улардан мана шундай хато ўтди. Уларга ўхшаганларда бу каби хатолар учраб туради. Аммо улуғ саҳобалар ва уларнинг олимларидан (барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин) ҳеч ким кетиб қолмаган. Кулиш ҳам шундай, кулганлар қавмнинг оддий, оми кишилари бўлиши мумкин. Улар улуғлардан ва шарафлилардан бўлмаган. Оддий одамлардан бу каби иш содир бўлгани инкор этилмайди. Валлоҳу аълам!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни чиқиб кетишдан қайтармаганларининг икки хил маъноси бор. Биринчиси, хутба вақтида гапириш ҳаром эди, гапиришдан қайтарилган вақтда бўлганлари учун (Набий алайҳиссалом) уларни қайтармаганлар. Иккинчиси, эҳтимол улар тез чиқиб кетишган ва у зотнинг қайтарганлари уларга етиб бормаган ёки эшитмасликларини билганлари учун ҳам қайтармаганлар. Валлоҳу аълам!
Ҳадисда келишича, у зот ўзлари билан бирга собит турганларни намозни тугатиб бўлгач, санаганларида улар ўн икки киши чиққан. Шунда у зот: «Агар охирингиз аввалгингизга эргашганида, водий аланга олиб ёнар эди»(Тафсири Абдурраззоқ. 3/310; Тафсири Муқотил ибн Сулаймон. 3/361.), деганлар.
Бунда жума намози қирқ нафардан кам одам билан ҳам адо этилишига далил бор, чунки Набий алайҳиссалом ўн икки киши билан жума намози ўқидилар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк этурлар», деган сўзи хутбанинг тик туриб адо этилишига далилдир. «Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (мукофотлар) беҳуда ишдан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир»». «Ҳидоят имоми (Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Агар бу бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса (мукофотлар) беҳуда ишлар ва тижоратдан яхшироқ экани маълум. Лекин бунинг маъноси - валлоҳу аълам - бундай: дунё бошдан-охир тижорат қилинадиган жой, унинг аҳли эса савдогарлардир. Улар доим ё дунё тижорати ёки охират тижорати билан шуғулланадилар. Чунки тоат ва одат тижорат деб эътибор қилинади. Тоат худди тижоратга ўхшайди. У билан охират манфаати касб қилинади. Дунё тижорати билан эса дунё фойдалари қўлга киритилади. Аллоҳнинг ҳузурида итоат қилиш, охират фойдаларини касб қилиш билан амалга ошириладиган тижорат беҳуда ишлар ва дунёвий манфаатлар касб қилинадиган тижоратдан яхшидир». Валлоҳу аълам!
Унинг маъноси шундай бўлиши мумкин: «Аллоҳга тақво қи-линглар! Агар У Зотга тақво қилсангиз, ризқ ва бошқа фойдаларга эришасиз». Дунёвий тижорат билан фақат дунё фойдалари қўлга киритилади. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини тафаккур қилмайсизми:
«Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур» (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Бошқа бир ўринда У Зот шундай деган:
«...унинг ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчирур...» (Талоқ сураси, 5-оят).
Агар тақводан ризқ, ишларда енгиллик, гуноҳлар кечирилиши каби фойдалар келса, тижоратда эса фақат дунёвий фойдаларга эришилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларни барча манфаатлар мажмуасига қизиқтирди. У ҳам бўлса тақводир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида туриш билан тақво ҳосил қиладилар: «Сизлар барча фойдаларга эга бўлиш имконини берадиган нарсага рағбат қилинглар. Тақво қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида туришингиз сизлар учун беҳуда иш ва фақат битта фойда келтирадиган тижоратдан яхшидир». Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ ризқ берувчиларнинг яхшисидир» деган сўзи, уларнинг яхшиси бўлиши учун Аллоҳдан бошқа ҳам ризқ берувчи борлигини тақозо қилмайди. Балки, бунинг маъноси Аллоҳ азза ва жалланинг:
«Яратувчиларнинг энг яхшироғи» (Муъминун сураси, 14-оят).
«Ҳукм қилувчиларнинг энг доноси (ва одили)» (Ҳуд сураси, 45-оят) деган сўзларидаги маънога ўхшайди. У ризқ берувчиларнинг яхшиси, яратувчиларнинг энг гўзали, ҳукм қилувчиларнинг энг доноси (ва одили)дир. У фақат адолат ила ҳукм қилади ва ҳикмат ила яратади. Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ ризк берувчиларнинг яхшисидир» деган сўзи ҳам шундай маънода. Ризқ бериш, яратиш ва ҳукм қилиш мажозий маънода бандаларга нисбат берилиши жоиз. «Аллоҳ ризқ берувчиларнинг яхшисидир», яъни «Сизларнинг ризқингизга сабабчи бўлувчилардан яхшироқдир». Ундан бошқалар бировларни Унинг ризқидан ризқлантиради, Унинг ҳукми билан адолат қилади, нима иш қилса, Унинг тавфиқи ва тўғри йўлга йўллаши билан қилади. «Аллоҳ ризқ берувчиларнинг яхшисидир». Яъни ризқ тарқатувчилар аслида У берган ризқни улашадилар. Валлоҳу аълам!