(Мадинада нозил бўлган, 14 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Осмонлару ердаги барча нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтади. У Зот ғолиб ва ҳикмат эгасидир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Осмонлару ердаги барча нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтади» оятидаги сўзи бошқа бир ўринда тарзида (ҳозирги-келаси замон шаклида) келган. Бу зикр қилувчиларнинг тасбеҳи тўхтовсиз эканини билдиради. Аллоҳ таолога азалда ҳам тасбеҳ айтилган. абадда ҳам тасбеҳ айтилади. Бу оятда қайсар ғайридинларни аҳмоққа чиқариш бордир. Бунинг боиси шуки, тасбеҳ ва сано воқеликда тасбеҳ ҳамда сано айтиладиган Зотга қайтади. Чунки сано ва тасбеҳ унга муносиб Зотга айтилади. Тасбеҳ айтувчининг тасбеҳи ва саноси Аллоҳ таолога хокисорлик қилиш ва яқин бўлиш учундир. Яна у (тасбеҳ айтувчи)нинг шарафини ва улуғлигини зиёда қилади. Аллоҳ таоло гўё хабар бериб бундай демоқда: «У Аллоҳ таолога бўйсуниб, таслим бўлди ва ўзи учун шарафни ҳамда зийнатни касб қилди. Яна у Раббисига қурбат ҳосил қилди. Кофирлар эса, ўзларининг улуғворлиги, шарафи ва зийнатини зиёда этувчоф сурасии Аллоҳ таолога айтиладиган тасбехни тарк қилдилар». Тавфиқ Аллохдандир!
Аллоҳ таоло ушбу оятда динсизларнинг аҳмоқлигининг бошқа бир жиҳатини зикр қилган бўлиши ҳам мумкин. Яъни борди-ю, Аллоҳ таоло махлуқотларнинг тасбеҳига муҳтож бўлганида, мўмин-мусулмонларнинг тасбеҳи етарли бўлиб, ғайри динларнинг тасбеҳига ҳожат қолмас эди. Аммо улар тасбехни тарк қилдилар, Аллоҳ таоло улардан ва уларнинг тасбеҳидан беҳожатдир. Улар фақат ўзларининг аҳмоқликлари сабабли тасбеҳ ва санони тарк этдилар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «У Зот ғолибдир...» ояти «У ўз зстида азиз, ғайридинларнинг тасбеҳни тарк қилишлари Уни асло хорламайди, балки У қудратли ва шарафли Зотдир», деган маънони англатади. Аллоҳ таолонинг «...ҳикмат эгасидир» ояти «У бир-бирига қарама-қарши нарсаларда Ўз рубубиятининг белгисини ва яккаю ягоналик аломатини қўйган ҳикматли Зотдир», деган маънони англатади.
2. Эй имон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсангизни гапирасиз.
Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ҳақида (муфассирларнинг) баъзилари бундай деганлар: «Ушбу оят уруш кунлари жангни орзу қилган мунофиқлар ҳақида (нозил бўлган). Аллоҳ таоло уларга жанг қилишни фарз қилгач, улар бундай дедилар:
«Эй Раббимиз! Нега бизга жангни фарз қилдинг?» (Нисо сураси, 77-оят). Шунда Аллоҳ таоло «Эй имон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсангизни гапирасиз?!» оятини нозил қилди. Яъни нима учун вафо қилмайдиган нарсангизга ваъда берасиз?! дейилмоқда.
Муфассирлардан яна баъзилари бундай деганлар: «Ушбу (оят) жангга чиққан баъзи мўминлар ҳақидадир. Оятда тақдим ва таъхир бордир(Оятдаги айрим сўзларнинг ўрнини алмаштириш, яъни бирини олдинга, иккинчисини кейинга ўтказиш.). Бунинг сабаби шуки, улар Аллоҳ таолога энг маҳбуб амалларни қилишни хоҳладилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:
«Эй имон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқарадиган бир «тижорат»га далолат қилайинми?» (Соф сураси, 10-оят).
Бошқа бир оятда бундай дейилади:
«Албатта, Аллоҳ ўзининг йўлида саф тортиб, жанг қиладиган зотларни севар» (Соф сураси, 4-оят).
Улар берган ваъдаларига вафо қилмади. Шунда Аллоҳ таоло «Эй имон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсангизни гапирасиз?!» оятини нозил қилди.
Бу оят ҳар бир мўмин ҳақида бўлиши ҳам мумкин. Чунки хар бир мўмин банданинг Аллоҳ таолога итоат қилиш, Унга таслим бўлиш ва бўйсунишдан иборат берган ваъдасига имони билан вафо қилиши вожиб бўлади. Борди-ю, у берган ваъдасига вафо қилмаса. ҳар бир хатосида ушбу оят (ҳукми) остига кириб қолиш хавфи бор. Мўминлардан ҳеч бири берган барча ваъдасига вафо қилолмайди. Шундай экан, унинг чин тавба қилиши вожиб бўлади.
3. Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида қаттиқ ёмон кўрилгандир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир» оятидаги [ал-мақту] сўзи «нафрат» маъносини англатади. Ким Аллоҳнинг нафратини ўзига лозим қилса, унга шаксиз жазо етади. Лекин оят ваъдага вафо қилиш, Аллоҳ кайтарган нарсани ҳалол санаш эътиқодида бўлган кишилар ҳақида бўлиши мумкин. Банда (шундай қилса) Аллоҳ таолонинг нафрати ва ғазабига мустаҳиқ бўлиши аниқдир. Агар инсон соғлом эътиқодда бўлиб, амалларида тойилса, гуноҳлари тақсим қилиниши вожиб бўлади. Шунда у, гуноҳларининг ҳукми ва даражасига қараб хавф (ва қўрқув)да бўлиши керак. Валлоҳу аълам!
4. Албатта, Аллоҳ Ўз йўлида худди жипс бинодек бўлиб. сафда туриб уруш қиладиганларни яхши кўради.
Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи У Зот яккама-якка олишувга чиққан кишини ёқтирмайди, деган маънода эмас. Чунки уруш яккама-якка олишувга чиққан кишига қийинроқдир. Бунинг сабаби шуки, у саф ичида бўлса, бошқаси жангда унга ёрдам беради ва сафда жонига омонлик кўпроқ бўлади. Яккама-якка олишганнинг ёрдамчиси бўлмайди, ё зафар қозонади ёки ҳалок бўлади. Демак, унга хавф юқори ва қийинчилик кўпроқ бўлади. Аллоҳ таоло ушбу оят орқали мусулмонлар бир-бирларига ёрдам бериб, сўзлари бир бўлиши учун, қандай жанг қилишни уларга ўргатган бўлиши мумкин. Чунки улар бўлинишса, ўзаро ихтилофга тушадилар. Натижада, уларнинг бошида мағлубият ва чекиниш хавфи пайдо бўлади. Мусулмонларнинг фикрлари ўзаро якдил бўлиб, сўзлари, шавкатлари бир бўлса, жангда қув-ватлари зиёда ва ғалабалари яқин бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...худди жипс бинодек...» ояти борасида баъзилар: «Буни Аллоҳ таоло собитлик ва мустаҳкамликдан зарбулмасал қилган, яъни улар (мўмин-мусулмонлар) саф тортишса, худди ўрнида мустаҳкам турган, ҳеч нарса таъсир қилмайдиган туташ бинолар каби собит турадилар», деганлар. Яна баъзилар бундай деганлар: «Мусулмонларнинг сўзлари бир бўлиши ва бир-бирларига кўмак беришлари учун Аллоҳ таоло ушбу зарбулмасални зикр этган». Оят мазкур икки иш ҳақида ҳам бўлиши мумкин, яъни улар собит турсалар, бир-бирларига ёрдам беришади, натижада сўзлари бир бўлади. Сўзлари бир бўлса, у саботга ундайди ва яқинлаштиради. Шунинг учун: «Мазкур оят юқоридаги икки нарсага ҳам бирдек тегишли бўлиши мумкин», деймиз. Валлоҳу аълам! (Оятдаги) «яхши кўради» сўзи икки хил маънони кўтаради: биринчиси, махлуқотлардан рози бўлиш; иккинчиси, қилаётган ишлари сабабли уларни мадҳ этиш.
5. Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг Расули эканимни билиб туриб, яна нима учун менга озор берасиз», деганини эсланг. Улар (ҳакдан) бурилган эдилар Аллоҳ уларнинг қалбини буриб қўйди. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас.
Аллоҳ таолонинг «Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг Расули эканимни билиб туриб, яна нима учун менга озор берасиз», деганини эсланг» оятининг икки хил маъноси бор. Биринчиси, Мусо алайҳиссаломга озор етишини билмай, ўзаро одатланган (ёмон) муомалалари ҳақида одамларни огоҳлантиришдир. Айни шу масалада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ҳам шундай муомаладан огоҳлантирилганлар:
«Эй имон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозндан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек дағал сўз айтманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин» (Ҳужурот сураси, 2-оят).
Улар ушбу муомалани Мусо алайҳиссаломга азият етказади деб ўйламаганлар ва билмаганлар. Шунда, Аллоҳ таоло улар бундан тийилишлари учун: «Бу унга азият беради» деб уларни огоҳлантирди.
Иккинчиси, улар бундай ишлари Мусо алайҳиссаломга азият беришини билганлар, лекин улар қайсарлик қилиб, кибрланган бўлишлари мумкин. Мусо алайҳиссалом уларга: «Мен сизларга юборилган Аллоҳнинг расули эканимни била туриб, қандай менга азият берасизлар? Ахир, дунёвий подшоҳларнинг элчисига икром кўрсатиб, ҳурматини жойига қўйиш кераклигини биласизлар-ку! Оламлар Раббисининг элчисига шундай муомала киласизларми?» деб айтганлар. Аллоҳ таоло қавмга улар устидан шикоят қилиб: «Мусога азият беряпсизлар», деб хабар берган.
Муфассирлар «озор бериш» борасида ҳам ихтилоф қилганлар. Баъзилари: «Мусо алайҳиссалом баданини очмагани учун қавм: «Унинг баданида касаллик ва ёмон нарса бор» деб озор беришган», деганлар.
Баъзилари эса: «Мусо алайҳиссалом иниси - Ҳорун алайҳис-салом билан тоққа борганларида, ўша жойда Ҳорун алайҳис-салом вафот этганлар. Шунда қавм: «Мусо инисини ўлдирди.
деб у зотга озор беришди», деган. (Муфассирлар ичида) бундай деганлар ҳам бор: «Улар Мусо алайҳиссаломга қуйидагиларни айтиб, озор берар эдилар:
«Бизларга Аллоҳни очиқ кўрсат!» (Нисо сураси, 153-оят).
«Уларнинг илоҳлари каби бизга ҳам илоҳ ясаб бер!» (Аъроф сураси, 138-оят).
«Биз бир (хил) таом (ейиш)га сабр қила олмаяпмиз» (Бақара сураси, 61-оят)». Лекин бундай ҳолатда муайян бир нарсага ишора қилинмайди.
Агар оятнинг таъвили юқорида айтилган биринчи кўринишдагидек бўлса, яъни «улар буни у зотга озор етказишини билмай қилганлар», дейилса, мазкур озорнинг уч кўринишдан ҳеч бири қавмга тегишли бўлмайди. Иккинчи кўринишга кўра бўлса ҳам, шундай(Бу ўринда Мусо алайҳиссаломнинг қавми қилаётган муомалаларини азият деб ҳисоблашмаган деган фикр назарда тутилмоқда.). Агар учинчи кўринишга кўра бўлса, уни ушбу маънолардан бирига буриш мумкин. Валлоҳу аълам!
Бу оятнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли жиҳатини қуйидаги икки маъно асосида кўрсатиш мумкин: Биринчиси, Бани Исроил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор етказганида, Аллоҳ таоло Расулуллоҳга тасалли бериш, қалбий хотиржамлик пайдо қилиш учун Мусо алай-ҳиссаломнинг ишини ва қавмининг у зотга етказган азиятини эслатди. Еки ушбу оят у зотга озор беришлари хавфи бўлган нарсага қўл уришларидан саҳобаи киромларни огоҳлантириш бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Улар (ҳақдан) бурилган эдилар Аллоҳ уларнинг қалбини буриб қўйди», деган сўзининг икки хил маъноси бор:
Биринчиси: Аллоҳ уларнинг дилларини буриб қўйди, яъни. «оғиш» феълини қалбларида яратди. Бундан «Аллоҳ уларни хорлаб, уларни ўзларига ташлаб қўйди» деган маъно назарда тутилган.
Мўътазилийлар бизга қарши Аллоҳ таолонинг:
«Лекин (Аллоҳ) у билан фақат фосиқларнигина адаштиради», (Бақара сураси, 26-оят) деган оятини далил сифатида келтиришган. Мўътазилийлар: «Аллоҳ таоло мазкур оятда бандани фосиқ бўлганидан кейин адаштиришини айтган, сизлар эса ҳидоятдаги бандани адаштиришини айтасизлар», дейдилар.
Айтамизки, бу бизга нисбатан туҳматдир. Чунки биз: «Аллох таоло банданинг тойилишини ирода қилганида, уни адаштиради ва тўғри йўлдан оғишини ирода қилганда, уни тўғри йўлдан оздиради», деймиз. Шундай экан, мўътазилийларнинг бизга нисбатан эътирози асоссиз бўлиб чиқади. Шу билан бир қаторда. улар: «Банданинг адашувидан кейин Аллоҳ таоло жазо сифатида уни адаштиради, ҳидоятидан сўнг мукофот ўлароқ ҳидоятини зиёда қилади», деганлар. Бундай дейиш тўғри эмас. Чунки биз воқеликда имондан кейин ғайридин бўлган ҳамда куфрдан кейин имон келтирган кишиларни кўрамиз. Киши мўминликдан кейин ғайридин бўлса, аслида (мўътазилийлик таълимотига кўра) бу вақтда кишининг олдинги имони сабабли Аллоҳ таоло унга мукофотни зиёда қилиши керак эди. Борди-ю, шу вақт у ғайридин бўлса, гўё Аллоҳ таолонинг ҳидояти унинг куфрига сабаб бўлгандек бўлиб қолади. Ёки киши ғайридин бўлганидан сўнг, имон келтирса, аслида (мўътазилийлик таълимотига кўра) бу вактда киши ғайридинлиги сабабли жазоланиши керак эди. Лекин кишининг аввалги куфрига Аллоҳ таоло белгилаган жазо унинг имонига сабаб бўлгандек бўлиб қолади. Бу ўта хунук сўздир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас» ояти «Аллоҳ таоло уларнинг куфр ва зулмни танлаганларини, ундан сира тавба қилмайдиганларини, воз кечмайдиганларини билиб, уларни ҳидоят қилмайди. Аммо улардан кимлар тавба қилиб, исломга келмоқчилигини билса, уларни тўғри йўлга ҳидоят қилади», деган маънода таъвил этилади. Валлоҳу аьлам!
6. Исо ибн Марямнинг: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Исо ибн Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи...» оятидаги [мусоддиқон] -«тасдиқловчи» сўзи бир неча маъноларни ифодалайди. Биринчиси, «Тавротда васф этилган сифатлар билан сизларнинг ҳузурингизга келдим», деган маънода бўлиши мумкин. Ёки «Тавротни ва Аллоҳ таолонинг китобларини тасдиқловчи» маъносида бўлиши ҳам мумкин. Бу билан расулларга аввалги китобларни ва барча пайғамбарларни тасдиқлаш вожиб бўлгани каби, уларнинг умматларига ҳам вожиб бўлиши билдирилмокда. Ёки оятдаги «тасдиқловчи» сўзи «Тавротда буюрилганингиздек, Аллоҳ таолога ибодат қилишга ва Уни яккаю ягона илоҳ деб эътироф этишга буюраман», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Бу билан барча пайғамбарларнинг дини бир экани ҳамда барчалари тавҳидга ва Раҳмонга ибодат қилишга даъват этганлари келиб чиқади. Шариатларнинг бири иккинчисидан фарқланади ва бу фарқланиш диндаги ихтилофни билдирмайди. Чунки шариатлар бир расулда турлича бўлишига қарамай, унинг дини ўзгармайди. Бу ҳолат барча пайғамбарларда ҳам шундайдир. Тавфиқ Аллохдандир!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи...» ояти «Худди менинг тасдиғим каби, Таврот билан тасдиқланган Расулнинг хушхабарини берувчиман», деган маънони англатади. Гўё у зот (Исо алайҳиссалом) га: «Унинг исми нима?» дейилган. У зот: «Аҳмаддир», деганлар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «(Аҳмад) уларга ҳужжатлар (мўъжиза) билан келган вақтда эса...» оятини баъзилар «Исо алай-ҳиссалом уларга ҳақ билан келган вақтда...» деб, яна баъзилар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ҳақ билан келган вақтда...», деб таъвил қилганлар. Дарҳақиқат, иккиси ҳам барчага ҳақни келтирган эдилар.
Аллоҳ таолонинг «ҳужжатлар билан» сўзи «Пайғамбар келтирган нарса, Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканини исботловчи ҳужжатлар», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «...бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар» деган ояти (бошқа бир қироатда) [ав саҳирун мубийнун] - «бу очиқ-ойдин сеҳргар» тарзида келган(Имом Ҳамза ва Кисоий (каби қироат имомлари) алиф билан деб қироат қилганлар. Бошқалар деб ўқиганлар. Ибн Занжала. Ҳужжа ал-қироаат. 707-6.). Бу ким тўғрисида эканлиги борасида ихтилоф бор. Баъзи (муфассир)лар у (яъни сеҳргар дейилган зот) Исо алайҳиссаломлигини, бошқалар эса у зотнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эканларини айтганлар. Баъзилар (маъно) иккалаларига ҳам тегишли эканини айтишган. Бу сўз (яъни сеҳр ёки сеҳргар деган сўз)ни ғайридинларининг катталари заифларига айтган бўлиши мумкин. Чунки улар Пайғамбарни айблаш учун «сеҳргар» дейишдан бошқа сабаб топмадилар. Бу эса у зотнинг уларга мўъжизавий далиллар келтирганига далил бўлади. Чунки улар у зотни сехргар деб атаб: «Бу сеҳр, биз эса сеҳрни билмаймиз», дейишди.
Агар уларнинг келтирган нарсаси сеҳр бўлганида, бу уларнинг ўзларига қарши ҳужжат бўларди. Чунки улар пайғамбарларнинг сеҳргарларга аралашмасликлари, улардан таълим олмасликларини билар эдилар. Уларда буни тўқиб олиш имконияти йўқ эди. Агар у сеҳр бўлган тақдирда ҳам, ўзларининг зарарига ҳужжат бўларди. Чунки улар зикр қилганларимизни билар эдилар. Лекин Аллоҳ таоло у зотни (Ўз пайғамбарини) сеҳрдан поклаб қўйди. Тавфиқ Аллохдандир!
7. Исломга даьват қилиниб турганда Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ киши борми? Ҳолбуки, Аллоҳ золимларни ҳидоятга бошламас.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ киши борми?» ояти «Ифтироси Аллоҳга ёлғон тўқишгача етиб борган кимсадан кўра ўта зулмли ва ўта золим киши борми?» деган маънони англатади. Чунки улар ўзлари эга бўлган неъмат ва қадр-қимматга фақат Аллоҳнинг марҳамати билан эришганларини билардилар. Сўнг Аллоҳга куфр келтириб, Аллоҳни ва Унинг Расулини ёлғончига чиқаришди. Ёки оятнинг маъноси бундай бўлиши мумкин: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан кўра золимроқ бирор киши йўқ». Бунга сабаб оятдаги «золимроқ киши борми?» жумласи сўроқ гапдир. Маълумки, Аллоҳ таоло ҳеч кимдан савол сўрамайди. Шундай экан, сўроқ шаклидаги ҳар бир жумланинг жавобига қаралади. Агар жавоб савол берувчи томондан берилган бўлса, ундан оламлар Парвардигори сўзининг маъноси тушунилади. Бу каби саволларга аслида бундай жавоб берилиши лозим: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқувчидан золимроқ ҳеч ким йўқ».
Аллоҳ таоло бандаларни Исломга даъват қилиши - барча нарсани ислом учун шай қилиб қўйишдир. Банда ўзига етган неъмат Аллоҳ таолодан эканини билса ва барча нарса Аллоҳ таоло учунлигини англаса, билатуриб, Аллоҳ таолога қандай ёлғон тўқийди. Агар билатуриб бунга қўл урса, Аллоҳ таолога туҳмат қилганида, ундан кўра золимроқ кимса бўлмайди. Тавфиқ Аллохдандир!
8. Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи ғайридинлар ёқтирмаса-да, Ўз нурини тугал қилувчидир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳнинг нурини» ояти «Аллоҳнинг динини» ёки «Аллоҳ таолонинг Китобини» ёки «Аллоҳнинг пайғамбарларини» деган маънони англатади. Аллоҳ таолонинг «оғизлари билан» ояти «Уларда ҳеч қандай ҳужжат йўқдир. «Бу сеҳрдан ўзга нарса эмас» дейишдан бошқа бу нурни ўчирадиган ҳеч қандай нарсалари йўқдир» деган маънони билдиради.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ эса... Ўз нурини тугал қилувчидир» оятининг бир неча маънолари бор. Биринчиси, ҳужжат ва далиллар билан тугал қилувчидир. Иккинчиси, аҳлига нусрат ва ғалаба ато этиш билан тугал қилувчидир. Учинчиси. ҳамма жойда уни зоҳир қилиш орқали тугал қилувчидир.
Агар бу «нусрат ва ғалаба ато этиш билан тугал қилиш» маъносида бўлса, ҳақиқатда (ўша маккалик) мушриклар хавфда, мусулмонлар омонда бўлганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
«То Аллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни Макка фатҳ килингунича), куфрдаги кимсаларга ўзларининг қилмишлари сабабли турли балолар етар ёки уларнинг диёрларига якин жойларга (офат) тушар» (Раъд сураси, 31-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ҳақда шундай деганлар: «Менга икки ойлик масофадан (душманлар қалбига) қурқув солиб қўйиш ила нусрат ато этилди» (Имом Табароний ва Байҳақий ривояти).
Агар «ҳужжат ва далиллар билан тугал қилиш» маъносида бўлса, мушриклар ҳақиқатдан ҳам айнан Қуръони карим (ояти) каби (ҳужжат) келтириш у ёкда турсин, унга ўхшашини келтиришдан ҳам ожиз қолганлар. Бу эса Аллоҳ таоло Ўз нурини нусрат, ғалаба, далил ва ҳужжатлар билан тугал қилганига далил бўлади.
Агар ундан «нусрат ва ғалаба ато этиш билан тугал қилиш» маъноси ирода қилинса, «Исо алайҳиссалом ер юзига тушганида, унда Исломдан бошқа дин қолмайди», деган ривоятга кўра, исломнинг ғолиб бўлиши умид қилинади(Байҳақий. Ас-Сунан ал-кубро. 9/303-304; Тафсири Қуртубий. 18/86.).
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ эса... Ўз нурини тугал қилувчидир» оятидан «аввал унда хиралик бўлиб, сўнгра нурли қилинди», деган маъно тушунилмайди. Балки биз юқорида қайд қилган таъвил англанади. Чунончи, Аллоҳ таолонинг:
«Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим» ояти «У аввал нуқсонли бўлган ва Аллоҳ уни шариатлар билан мукаммал қилган», деган маънода тушунилмайди. Лекин бу оят ҳам юқоридаги оят каби, бир неча маънода талқин этилади. Яъни Аллоҳ таоло динни «Аллоҳ эса... Ўз нурини тугал қилувчидир» ояти ҳақида биз қайд этган маънолар билан намоён қилди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...гарчи ғайридинлар ёқтирмаса-да...» ояти тафсирига келсак, Аллоҳ таоло Ўз (нурини) ғолиб қилиш зикрида «...гарчи мушриклар ёқтирмаса-да...» деган. Чунки мушриклар пайғамбарларга ва китобларга куфр келтирдилар. Ҳолбуки, улар Аллоҳнинг неъматлари эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло улар борасида: «...гарчи кофирлар ёқтирмаса-да...» деди(«Куфр» сўзида неъматга нонкўрлик маъноси бўлгани учун Аллоҳ таоло «...гарчи кофирлар ёктирмаса-да...» деди.). Улар тавҳид борасида Аллоҳ таолога ширк келтирганлари учун Аллоҳ таоло улар ҳақида «...гарчи мушриклар ёқтирмаса-да...» деди. Валлоҳу аълам!
9. У зот, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир. Гарчи мушриклар ёқтирмасалар ҳам.
Аллоҳ азза ва жалланинг «У зот, Ўз Расулини ҳидоят ила... юборган Зотдир» ояти «унга эргашганларида, у сабабли ҳидоятланган бўлар эдилар», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «ҳақ дин билан» деган сўзи уч хил маънони англатади. Биринчиси, [ал-Ҳаққу] сўзи «Аллоҳ таоло»га нисбат берилади. Шунда оят: «Аллоҳнинг дини билан», деган маънони англатади. Иккинчиси, [ал-ҳаққу] сўзи «дин» сўзининг сифати бўлади. Шунда оят «Бошқа динлар орасида ҳак бўлган дин ила (юборган)», деган маънони англатади. Учинчи-си, «Ҳар кимга уни қабул қилиш ва унга бўйсуниш ҳак бўлади», маъносида бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!
Аллоҳтаолонинг «...барча динлардан устун қилиш учун...» ояти икки хил маънони ифодалайди: Биринчиси, Аллоҳ Ўз Расулини динда эҳтиёж сезиладиган ҳар қандай ҳодисага ғолиб қилади. Бунда воқеа ва ҳодиса юзасидан Расулуллоҳга келган нарсаларнинг барчаси илоҳий ваҳий ҳамда Аллоҳ таоло у зотга зоҳир қилган нарса эканлигининг баёни бор. Мазкур оят «ушбу динни ҳамма жойда ғолиб қилиш» маъносини англатиши ҳам мумкин.
Имом Мотуридий айтади: «Дин Аллоҳ таолога бўйсуниш ва таслим бўлдиларр. Унинг ҳақиқати эса, барча нарсани Аллохга топширишдир».
Аллоҳ азза ва жалланинг «...гарчи мушриклар ёқтирмаса-да...» ояти ҳақида Шайх раҳматуллоҳи алайҳ бундай деди: «Бу (ибора) гарчи мўътазилийлар ёқтирмаса-да» деган маънони тақозо қилади. Чунки (Аллоҳ таоло) Ўз нурини тугал қилиши хоҳ ҳужжат (далил)лар орқали бўлсин ёки нусрат ва ғалаба ила бўлсин ёхуд ҳамма жойга тарқатиши ила бўлсин, буларнинг барчаси бандаларнинг феъллари билан бўлади. Сўнгра, Аллох таоло буларни Ўзига нисбат берди. Демак, бундан бандаларнинг феълларида Аллоҳ таолонинг яратиши ва тадбири борлиги ҳамда бандаларнинг барча феъллари Аллоҳнинг махлуқи, Унинг тадбири ва хоҳишидан ташқарига чиқмаслиги собит бўлди. Аллоҳнинг Ўзи мададкордир!
10. Эй имон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқарадиган бир «тижорат»га далолат қилайинми?
11. (Уша «тижорат» шуки) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига имон келтирурсиз ва Аллоҳ йўлида молларингиз ва жонларингиз билан жиҳод қилурсиз. Мана шу, агар билсангиз, ўзларингиз учун яхши (иш)дир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Эй имон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқарадиган бир «тижорат»га далолат қилайинми? (Уша «тижорат» шуки) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига имон келтирурсиз...» деган сўзи (тафсирига келсак), Аллоҳга имон У Зотнинг Ягона, Бир, Самад, Якка, туғмаган ва туғилмаган, ҳеч бир тенги йўқлигига имон келтириш, яна яратиш ҳам, амр этиш ҳам Унга тегишли, У барча ишга қодир, ҳеч нарса Уни ожиз қолдирмаслиги, барча нарсадан хабардор, ҳеч нарса Унга махфий эмаслиги, ҳикматли Зот бўлиб, фаровонлик ва танглик, зулмат ва нур, касаллик ва соғломликдан иборат турли яратган нарсалари ҳикматдан ташқари чиқмаслиги, васанийлар (дуалистлар) айтганига зид ўлароқ, зулмат, ёмонлик ва қабиҳ нарсаларни яратган ҳам нурни яратган Зотдан бошқаси эмас, деб имон келтириш, У Зотни Ўзидан бошқа ҳар бир нарсанинг - зулмат ва нурнинг, фаровонлик ва тангликнинг, беморлик ва соғломликнинг яратувчиси деб билишдир. Лекин мажусийларнинг «Аллоҳ таоло бир марта ғофил бўлиб қолган ва ундан шайтон пайдо бўлган», деганига ўхшаш маънода эмас, балки У Зот (ҳеч қачон) ҳеч нарсадан ғафлатда қолмайди, шунингдек, У Зотдан ҳеч нарса махфий эмас, деб билиш. Шунингдек, У Зот насронийлар айтганидек ҳам эмас, яъни махлуқотларга ўхшамайди. Насронийлар бу борада ҳаддан ошиб, Унга бола нисбатини берганлар. Ва яна У Зот қадарийлар: «У ёмонлик, касаллик ва оғриққа қодир эмас», деб айтганидек ҳам эмас. Мўътазилийларнинг У Зот ҳақида: «Бандаларнинг феълларида У Зотнинг яратиши ва тадбири йўқ», деган сўзлари ботилдир. Балки У Зотни барча нарсани билувчи, ҳар бир нарсага қодир, яратилиш маъноларидан иборат ҳар бир нарсадан олий, ҳар қандай офат, эҳтиёж ва айбдан пок деб билиш лозим. Бас, мана шулар бизнинг (эътиқодимиз)ча, Аллоҳ таолога имондир. Валлоҳу таъала аълам! Расулуллоҳга имон эса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсани ҳақ ва рост деб имон келтиришдир.
Аллоҳ таолонинг «.. .ва Аллоҳ йўлида ...жиҳод қилурсиз» оятининг икки хил маъноси бор. Биринчиси, Аллоҳ таолонинг душманларига қарши жанг қилинглар, иккинчиси, Аллоҳ таолонинг тоатида ва чорлаган ибодатларида жидду жахд қилинглар, демакдир.
[ал-жиҳаду] - «жиҳод»нинг тўрт тури бор. (Биринчиси.) Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қилиш ва тоатида махкам бўлиш билан У Зот учун жиҳод қилиш.
(Иккинчиси,) нафсга қарши жиҳод қилиш, яъни нафснинг лаззатга, шаҳватга ўчлигига ва ҳалокатга ташлашида унга тўсқинлик қилиб, ғолиб келишдир.
(Учинчиси,) ўзи билан одамлар ўртасида(ги муомалада) жиҳод қилиш, яъни улардан тама қилмаслик, уларга шафқатли. раҳмли бўлиш, улардан умид қилмаслик ва қўрқмасликдир.
(Тўртинчиси,) ўзи билан дунё ҳаёти ўртасида жиҳод қилиш. Бу эса дунёни охиратга ва тирикчиликка захира тўплайдиган (ғанимат) жой деб билиб, ундан охиратига зиён бўладиган нарсаларни олмаслигидир. Буларнинг барчасини Аллоҳ йўлидаги жиҳод деб аташ мумкин.
Ушбу оят учта масалани ўз ичига олади. Биринчиси, Аллоҳ таоло «Эй имон келтирганлар!» деган хитобидан кейин бандаларни қандай қилиб яна имонга буюради? Иккинчиси, Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтириб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилмаса, қандай қилиб унга нажот умид қилиниши мумкин? Ахир ҳаммаси (бир-бирига) боғланган-ку! Учинчиси, Аллоҳ таолонинг «Сизларни аламли азобдан қутқарадиган...» деган сўзига асосан Аллоҳ ва Расулига имон келтириб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилган киши гуноҳи кабира қилса, унга азоб (келиши)дан қандай қўрқилади?
Биринчи масаланинг жавоби шуки, ушбу оятдан мунофиқлар назарда тутилган бўлиши мумкин. Шунда Аллоҳ таолонинг «Эй имон келтирганлар!» деган сўзи «Эй зоҳирда имон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқарадиган бир «тижорат»га далолат қилайинми? Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига имон келтирурсиз», яъни қалбларингиз ила тасдиқлайсиз. Бу аҳли китоб (яҳудий ва насроний)лар ҳақида бўлиши ҳам мумкин. Гўё Аллоҳ азза ва жалла бундай деган: «Эй олдинги китобларга имон келтирганлар, Аллоҳга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва ушбу китоб (Қуръон)га имон келтиринглар!» Бу (хитоб) кофирлар ҳақида ҳам шундайдир.
Аммо оят мўминлар ҳақида бўлса, имон келтирганидан сўнг, яна имонга амр этишда «унда собит туриш ёки имонда зиёдалик (файз, даража қозониш) ёхуд янгилаш» деган маънолар бўлиши мумкин. Чунки вақтларга нисбатан имоннинг учта номи бордир: зиёдалик, сабот ва янгилаш. Чунки Аллоҳ таоло «имон»ни Китобнинг бир ўрнида «зиёдалик» номи билан зикр қилган:
«Бас, имон келтирганларнинг имонини бу (сура) зиёда қилди ва улар шод-хуррам бўлдилар» (Тавба сураси, 124-оят)
Бошқа бир ўринда «сабот» номи билан келган:
«Аллоҳ имон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устувор Сўз (имон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим сураси, 27-оят).
Ва яна бошқа ўринда «имон» исми билан зикр қилган:
«Эй имон келтирганлар! Аллоҳга имон келтиринглар!» (Нисо сураси, 136-оят).
Агар «имон» сўзи «зиёдалик» ва «сабот» маъносида бўлса, бу Аллоҳ таолонинг фазлидир. Сабаби «зиёдалик» ва «сабот» исмлари доимийликка далолат қилади. Имон келтириш феъли имон калимасини айтишлик билан тугалланади. Лекин Аллох таоло Ўз лутфи билан тугалланган нарсани доимий каби килиб қўйиши мумкин. Шунда, имон феъли ҳам «зиёдалик» ва «сабот» маъноларида бўлади. Валлоҳу аълам!
Сўнгра, «имон» сўзи вақтга нисбатан «янгиланиш» маъносида бўлиши ҳам мумкин. Чунки киши ҳар вақтда келаётган куфрдан қайтарилгандир. Агар у ўша вақтда имонли бўлса. куфрдан четланади. Натижада, имонида янгиланиш ҳукми содир бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «(Ўша «тижорат» шуки) Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтирурсиз ва Аллоҳ йўлида... жиход қилурсиз» оятидан эътиқод ирода қилинган бўлиши мумкин. Агар ундан эътиқод назарда тутилган бўлса ва банда буюрилгани-дек бу ишларга эътиқод қилса, аммо унга феъл ила вафо қилмаса (амал қилмаса), унинг нажоти умид қилинади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Мана шу, агар билсангиз, ўзларингиз учун яхши (иш)дир» оятининг маъноси шуки, мана шу. яъни сизларга буюрилган - Аллоҳ таолога, Расулига имон келтириш ва Унинг йўлида жиҳод қилиш ўз нафсу ҳаволарингизга эргашишингиздан яхшидир. «...агар билсангиз...», яъни агар сизлар аниқ билганингизда эди, бу сизлар учун яхши эканини англаган бўлардингиз. Ёки бу иборада «билган нарсаларингидан фойдаланганингизда эди, сизлар учун яхши бўлар эди» деган маъно ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин.
12. (Агар шундай қилсангиз, Аллоҳ) Сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ҳамда сизларни остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга ва абадийлик боғларидаги покиза масканларга киритур. Бу эса улкан ютуқдир.
Аллоҳ таолонинг «Сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур» ояти «Аллоҳ ушбу «тижорат» туфайли сизларни мағфират қилади», деган маънони англатади. Аллоҳ таоло «...ҳамда сизларни остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга ва абадийлик боғларидаги покиза масканларга киритур» деган ояти билан тарк этиш буюрилган нарсалар эвазига бандаларни рағбатлантирган бўлиши мумкин. Яъни Аллоҳ таоло мўминларни жойларини тарк этиш, молларини инфоқ қилиш ва жонлари билан жиҳод қилишга буюрган. Сўнг, ушбу амалларни қилсалар, улардан кетган ҳар бир нарса ўрнига ундан яхшироғини ато этишининг хабарини берган. (Дунёдаги) масканлардан айрилиш эвазига уларга покиза масканлар беради, молларидан инфоқ қилганлари эвазига абадий неъмат билан сийлайди, ҳаётлари ва жонларини фоний қилганлари учун доимий ва боқий ҳаёт ато этади. Валлоҳу аълам! Аллоҳ азза ва жалланинг «Бу эса улкан ютуқдир» ояти «Ушбу доимий мукофот - улкан ютуқдир», деган маънони англатади.
13. Яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берур-ки, у) Аллоҳ томонидан бўлажак ғалаба ва яқин фатҳдир. (Эй Муҳаммад!) Мўминларга хушхабар беринг!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлажак ғалаба ва яқин фатҳдир» деган сўзи (тафсирига келсак), У Зот гўё бундай демоқда: «Аллоҳ таоло сизларни йўллаган «тижорат» билан зикр қилган савоб-мукофотни келажакда беради. Дунёнинг ўзида яна бошқа сизлар суядиган душманларингиз устидан Аллоҳнинг ғалабаси ва ўлкаларни фатҳ этишни ҳам беради. (Эй Муҳаммад), бу иккиси ҳақида мўминларга хушхабар беринг». Аллоҳ таоло буни улар воситасида албатта амалга оширади.
14. Эй имон келтирганлар! Аллоҳнинг ёрдамчилари бў-лингиз! Худди Исо ибн Марям ҳаворийларга: «Аллоҳга (яъни унинг динига даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчиларим бўлур?» - деганидек. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз». Бас, Исроил авлодидан бир тоифа (Исога) имон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Бас, Биз имон келтирган зотларга душманларига қарши мадад бердик, бас, улар ғолиб бўлдилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Эй имон келтирганлар! Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлингиз!» деган ояти қуйидаги шубҳани пайдо қилади: «Аллоҳ таоло нега: «Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлингиз!» дейди? Ахир У Зот бошқалардан ёрдам сўрайдиган даражада хавфдан қўрқадиган эмас-ку!» Лекин қалблардан бундай шубҳани кетказиш йўли шуки, бу маъно билан Аллох таолонинг қуйидаги оятидаги маъно бир хилдир:
«Ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» берингиз!» (Муззаммил сураси, 20-оят)». Ушбу оятни юқорида қуйидагича изоҳладик: «Силаи раҳм қилиб, фақирларга хайру эҳсон қиладиган кишиларни Аллоҳ таоло Ўз фазлу карами билан худди Ўзига қарз бераётган кишилар даражасига кўтаради».
Худди шунингдек, Ислом динига ва Расулуллоҳга ёрдам берувчилар Аллоҳ таолога мадад берувчилардек талқин этилиши мумкин.
«Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз, У ҳам сизларга ёрдам берур» (Муҳаммад сураси, 7-оят). Бу оят «Аллоҳнинг динига ёрдам берсангизлар, Аллоҳ ҳам сизларга ёрдам беради» ёки «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки ҳаққа ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам беради», деган маъноларда тушунилади. Бу маънолардан қайси бири тўғрилигини яна Аллоҳ таоло билади. Буларнинг барчасидан қуйидаги маъно ирода қилинган бўлиши мумкин: «Динингизга мадад бўладиган амалларни Аллоҳ таоло ва Унинг розилиги учун қилинглар». Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «Ва Аллоҳга қарз берингиз...» мазмунли ояти «Буларнинг барчасини Аллоҳ ва Унинг розилиги учун қилинглар», деган маънони англатади.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Худди Исо ибн Марям ҳаворийларга... деганидек» сўзига мувофиқ келиши учун ушбу оятнинг аввалида ёки охирида бир сўз яширилган бўлиши керак. Шунда оятнинг аввалида Аллоҳ таоло гўё бундай деётган бўлади: «Эй Муҳаммад! Имон келтирганларга: «Худди Исо ибн Марям ҳаворийларга: «Аллоҳга (яъни Унинг динига даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчиларим бўлур?» - деганидек Аллоҳга ёрдамчи бўлинглар», деб айтинг». Ёки унинг маъноси ва яширилган сўзи «қабул қилиш» маъносида бўлади. Яъни «Аллоҳ ва Расулига ижобат қилинглар ва худди Исо қавми «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз» деганларидек, сизлар ҳам Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинглар».
«Ҳаворийлар» деб динларини шубҳадан асраб, тозалайдиган зотларга айтилади(«Бир нарсани оқлаб, уни айлантирса дейилади... Ҳаворийлар Исо алайҳиссаломнинг ёрдамчиларидир. Уларнинг бир ривоятда қассор (кийимни оққа бўёвчилар) бўлгани, бошқа ривоятда овчилар бўлгани айтилган. Баъзи уламолар: «Ҳаворийлар деб номланишига сабаб шуки, улар одамларнинг нафсларини дин ва илмга чақиришлари ила поклар эдилар. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ишора қилади:
«Эй (Пайғамбарнинг) хонадон ахди! Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдан поклашни истайди, холос» (Аҳзоб сураси, 33-оят)», деганлар. Улар тамсил ва ташбеҳга кўра «қассорлар (кийим оқловчилар)» дейилган Бундан омма орасидаги одатий меҳнатга оид ҳақиқатлар маърифати билан хосланмагани тасаввур қилинади. Улар одамларнинг нафсларини ҳайратдан овлаб. ҳақ томон бошқариб борганлари туфайли «сайёдлар (овчилар)» ҳам дейилган (Роғиб. Ал-Муфрадот.). Улар Исо алайҳиссалом қавмининг энг яхши ва хос кишилари ҳисобланадилар. Чунки (Исо алайҳис-салом) уларни ўз динига чақирганида, дарҳол у зотга ижобат қилиб, имон келтирганлар, динларини барча шубҳа, офат ва айбдан пок сақлаганлар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Бас, Исроил авлодидан бир тоифа (Исога) имон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди» ояти қуйидаги маънони англатаётган бўлиши мумкин: «Исо алай-ҳиссалом ҳаётлик чоғида ҳаворийлар у зотга эргашадилар ва шундан кейин қавмини динга чорлайди. Шунда улардан бир тоифаси имонга келиб, бир тоифаси динсиз ҳолида қолади».
«Бас, Биз имон келтирган зотларга мадад бердик». Яъни кофирларга қарши далил ва ҳужжатлар ила уларни қўллаб-қувватладик. «Бас, улар ғолиб бўлдилар», яъни ҳужжат ва далиллар билан душманлари устидан ғолиб бўлдилар.
Бу ҳолат Исо алайҳиссалом вафотидан сўнг унинг моҳияти борасида ихтилоф қилган вақтларида юз берган бўлиши мумкин. Улардан кимдир: «У (Исо) Аллоҳдир», яна бошқалар: «У Аллоҳнинг ўғлидир», деди. Натижада, бу сўзлар билан бир тоифа кофир бўлиб, бошқа тоифа имон келтирди. «Бас, Биз имон келтирган зотларга душманларига қарши мадад бердик». Яъни улар ўртасида уруш бўлган вақтда уларга мадад берилди ва улар зафар қозондилар. Тўғрисини Аллоҳ билади, қайтиш ва охират Унгадир!